OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

5 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифСобир Сайҳон
Асар номиБуғдой экиб арпа ўрганлар (қисса)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Собир Сайҳон
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Қиссалар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм212KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/12/6
Манбаhttp://forum.ziyouz.com/ind...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Буғдой экиб арпа ўрганлар (қисса)
Собир Сайҳон

Камина — Орифжон Саид Маъруф ўғли Наманганнинг Найманча қишлоғиданман. Онам – Эгамберди қизи Бибирисолат.

Бу эсдаликни Саройкамарда ёза бошладим. Бу ерларга ўн йил олдин кўчиб келганмиз. Ёшим 17 да. 1931 йилда туғилганман. Дарёга яқин қишлоғимни элас-элас эслайман. Муллараҳмат номи билан шуҳрат қозонган бир домладан озгина диний дарс олганман. У улуғ зот араб алифбоси, ўзбек имлосида ёзиб-чизар, кўпроқ Навоий, Ҳофиз, Бедил, Машраб, Муқимий,“Туҳфатул Обидин”, “Ҳикматнома”дан дарс берардилар. Тарихдан ҳам дарс ўтардилар. Мендан бошқа саккиз ўғил, икки қиз шогирдлари бор эди. Ўша зотнинг сўзларига қараганда, киндик қони тўкилган қишлоғим бамисоли жаннат экан. Ўзим ҳам эслайман: уйимиздан юз қадамча нарида лим-лим тўлиб оққан сойнинг икки томони мева дарахтлари билан тўла. Яқинимизда тепа мисоли эски қалъа бор эди. У ерда ўрик қоқиб берган онамнинг юзини кўргандай бўламан. Домламизнинг сўзлари қишлоғимни эсга солар ва дарс охирида қишлоғимга қайтгим келарди. Аммо начораки, ота-онам қулоқ бўлиб, ном-нишонсиз кетганлардан. Акам қазо қилган. Опам бўлса оқсочлардай ҳам она, ҳам опалик қилиб, мени вояга етказиш учун умри ўтиб бораяпти. Қариндошлар омонда қолиш учун қишлоқ аҳли билан биргаликда расмий идораларга тилхат беришиб, биздан тонишиб, жон сақлашар, қайтганимда ҳам юзимга боқадиган бир меҳрибон тополмаслигим аниқ эди. Асли наслим билан фахрансам ҳам, ғурбатдаги айрим муҳожир юртдошлар каби аждоду бойликлардан қувониб юришга кўнглим бўлмасов, деб ўйлардим.

Домла жудаям мулойим, доно, меҳрибон, хусусан, мен учун гўё авлиё эди. У ҳайвонотдан бошлаб, ўсимлик оламию, дунё жуғрофиясигача билар эди. Зилзилани олдиндан билувчи инс-жинс ва илонбалиқлар, ўн қулоч баландликда девор бино қилувчи чумолилар, қайси ўлкада қандай баланд тоғ ва узун дарё бор, қанча ёмғир ёғиб, қайси мавсумларда ҳосил яхши бўлади, илон чаққанга қайси ўсимлик даво бўлади — ҳамма-ҳаммасини биларди. Ижтимоий, маданий-маънавий соҳалардан ҳам бохабар эди. Айниқса, Туркистондаги тилларнинг ўзгариб кетгани ҳақидаги маълумотларни жон-қулоғим билан тинглардим. Ўз Ватанимизда қўшни тожик биродарларимиз бизларни муҳожир дейишарди. Аммо домла “барчамиз бир ота-онанинг болаларимиз”, дея жон куйдирарди.

Афсуски, Ватанимдан бутунлай ажраб қолиш хавфи туғилиб, дунёмиз қоронғу зиндонга айланиб қолгандай эди. Хуфтонга яқин домла уйимизга келиб, опамга “тезда силжиб, изимизни йўқотмасак қора кунларга қолажагимизни айтиб, маъқул кўрсак, ўзи билан Афғонистонга ўтиб кетиш мумкин”лигини қайта-қайта уқтирди. Бу зотнинг сўзига қараганда, жосуслар биз қатори икки-уч хонадоннинг кимлиги ҳақида маҳаллий идораларга хабар қилишган. Пайшанбадан жумага ўтар кечаси тонг олдидан бор-йўғимизни ташлаб, икки-уч тугунчани олиб, йўлга чиқдик. Қўшнилар шубҳаланмасин, деб ўчоққа ўтин қалаб, човгум, қумғонга сув тўлатиб қўйдик.

Қамишзорлар оралаб минг машаққатлар билан Амударё бўйига келдик. У ерда сол-қайиқ тайёрлаб турган губсарчи туркманлар етагида нариги томонга ўтмоқчи бўлган бола-чақали икки оилага кўзим тушди. Қўй терисидан шишириб ясалган губсар-мешлардан ўн-ўн иккитасини бир-бирига боғлаб, унда жонивору одамларни элтишарди. Покизагина, чўққи соқол, мусулмон туркман биродарларнинг сўзларига қараганда, дарёнинг муҳим нуқталари ҳозирчалик қуршов остида бўлиб, нариги ёққа ўтиш хавфли экан. Камида икки кун кутиш кераклигини, ўт ёқмаслик, баланд овозда гапирмаслик, ёввойи ҳайвонлар кўриниб қолса, ўқ узмасликни тайинлади.

Жавзо ойи. Ҳаволар анча илиб қолган. Шундай бўлса-да, кечалари салқин. Чой ва иссиқ таом йўқлиги сабабли, талқон, қуруқ мева-чева билан тирикчилик қилардик. Домла асли наманганлик бўлса-да, бу томонларга қандай келиб қолганини билмасдик. Юзига узоқ тикилганимдан ичимдагини сездими, ўзи айтиб қолди:
— Ўғлим Орифжон, биламан, кимлигимга қизиқаяпсан. Камина Ватанимга, халқимга, хусусан, сизларга ўхшаш жабрдийдаларга хайрихоҳ бир одамман. Чунки барчамизнинг тақдиримиз ўхшаш. Қисмат экан, хом сут эмганим сабабидан ўз юртимдан айро тушдим. — Бироз сукутдан кейин: — Экканини ўради, киши, — деб қўйди.
— Амаки, — дедим журъат қилиб. — Сизга ўхшаш ёши улуғ отахонлар экибсизлар, албатта, ўрасизлар. Аммо бизга ўхшаш норасидаларнинг гуноҳимиз нима эдики, экмоққа ҳам муяссар бўлмасак? Нима учун сарсонмиз?!

Домла табассум қилиб кулди, кейин қошини чимириб деди:
— Бирники мингга, мингники туманга, — деганлар. — Сиз норасидалар бошқаларнинг касофатига учрагансизлар.

Домла терлаган пешонасини, дув-дув оққан кўз ёшини артиб, ўткир кўзларини кўзимга тикканча давом этди:
— Ўтган ишга салавот. Бундан кейинги қисматимиз чин муҳожирлик. Нариги қирғоқ ҳам аслида ўз Ватанимиз. Муқаддас тупроғимизнинг давоми. Муҳожир бўлсак, пайғамбар йўли. Начора, ўз юртимиздан бегона бўлиб, хўрландик. У ерга боргач, бошимизга қандай савдолар тушади, Худо билади. Аммо, сенга насиҳатим шуки, қаерга борсанг, бошингга қандай бало ёғмасин, киндик қонинг тўкилган муқаддас юрт тупроғини асло ва асло унутма. Муҳожирлик қоидасига мос ҳаракат қилиб, аҳду вафо, Ватанга садоқат деган табаррук гапларни унутмасанг бўлгани. Хусусан, ўз юртдошларингга ёмон кўз билан қарама. Она тилингни сақла. Азиз Туркистон заминидаги тилларнинг барчаси сен учун — она тили. Ўзбекчами, тожикчами, туркманчами, қозоқчами, — барчасини дилдан авайла. Бирини-бировидан фарқлатма. Чунки, табаррук Туркистон аҳлининг барчаси — ака-ука. Бир ота-онанинг болалари. Қўл беш бармоқ билан обод. Бу дунёда бир-бирини ҳурмат қилганларгина манзили мақсудига етгай.

Бу насиҳатларнинг қанчасига риоя ва амал қила олишим бир Худога маълум. Чунки, тажрибам йўқ. Домламнинг кўзлари узоқларга тикилганча, хаёлга чўмган. Бир вақт губсарчининг овози иккимизни ҳам уйғотиб юборди. Пешин пайти йўлга тушишимизни айтишди.

Карвонимизда ёши қирқ бешларда, кўринишдан аёлмижозроқ бир киши — Сафар ака ва унинг ёнида ўн беш-ўн олти ёшлардаги қорақош, оппоқ, бўйдоргина, аммо жудаям сулув бир аёл бўлиб, у кишининг рафиқаси эканлигига ишониш қийин эди. Улардан ташқари икки дуогўй отахон бор. Сол-қайиқ губсарлардан бирига менинг опам, тоғам Қодиржон, Сафар ака рафиқаси билан ва икки отахон тугунчаларимизни қучоқлаб, ўтириб олдик. Нариги солга эса саккиз кишича эркак-аёл, туркман ватандош ва домламиз чиқишди. Иккала солнинг икки бурчагида қалпоқли туркман ватандош йигитчалар белигача сув ичида турар, яна икки йигит сол устида бизлар билан эди. Қўлларида арқон чирмалган узун ясси, учи лой хода бор. Демак, тираб туриб, қайиқни ҳаракат қилдирар экан, деган фикрга бордим. Шу пайт тўсатдан узоқлардан пақ-пақ ўқ узилиб, қичқириқ овози эшитилди. Губсарчилар қўрқув ва саросима ичида узун ходаларни ишга солиб, қайиқларни ўрнидан жилдириш пайига тушишди. Энди 25 қулочча сузганда юқори томондан оқиб келаётган бошқа бир бўш губсар ҳадеганда етиб келиб, биздан тўрт-беш қулоч орқароқда сузиб келаётган ҳамроҳларимизнинг қайиғига келиб гурсиллаб урилди. У бўш эмас экан, ичида етти-саккиз ёшу-қари қизил қонига бўялиб ётарди. Ўлмай қолганлари тўхтовсиз дод солар, оҳ-воҳ қиларди.

Иккала губсар устидаги ўлигу тирик аралаш-қуралаш бўлиб, сувга юмалади. Дабдаласи чиққан қайиқлар оқиб кетди. Унинг орқасидан яна икки-уч губсар қип-қизил қон ичида бизга томон оқиб келаётганини кўриб, куним битди дея, мен ҳам дод сола бошладим. Хайриятки, сузиб келаётган қайиқлар қирғоққа яқин бўлгани учун тўқнашмасдан ўтиб кетди. Маҳоратли губсарчиларнинг биттаси сузиб, бизгача етиб келди. Қолганлари эса изига қайтиб, нариги қирғоққа етиб олишга ҳаракат қила бошлашди.

Дарё қизғалдоқ даласидай қип-қизил. Келгинди, босқинчи шўро аскарлари пистирмада туриб, саноқсиз Ватан эгалари жонига зомин бўлганини губсарчилар афсус билан гапиришарди. Ўлганларни Оллоҳ раҳматига олишини, қолганларга эса сабр тилаб, Худога илтижо қилдик. Тақдири азалда ёзилган экан, қутулиб қолдик. Дарё қирғоғидаги қамишлар орасида яширинганларнинг биронтаси ҳам омон қолмагани аниқ.
— Худоё, — дейман, — доимо йўлингда жонфидо, камтарин ва маъсум бир халқнинг нима гуноҳи бор? Мазлумлар “оҳ”ини эшитгувчи ўзингсан. Ватандангина эмас, ҳатто ширин жонларидан ҳам ажраб қолганларга нимага раҳм қилмадинг? Домла каби не-не пок инсонлар бекафан у дунёга рихлат қилишди. Ўлсак-да, қолсак-да, дарё Ватанимники эди. Орадан бир-икки соатча ўтгандир, нариги қирғоққа борганда ватангадо бўлишнинг қанчалик машаққатли эканини ҳис этиб, борлиғим увишди.

Муҳожирлик муборак бўлсин. Алвидо, серқуёш она-Ватан.

Алвидо, киндик қоним тўкилган муқаддас тупроқ.

Алвидо, қавму қариндошлар, дўстлар!

Алвидо, тиниқ сувларга тўла, ҳаётбахш анҳорларим!

Алвидо, ариқлар бўйидаги ёввойи жамбил, райҳон, ялпиз ва ки-йикўтлар!

Алвидо, осмонўпар тоғлар!

Алвидо, Наманганжон!

Бу ёғи муҳожирлик. Қирғоққа оёқ босмасдан балчиққа тушиб, кечиб ўтиш керак. Ўшанда, губсарчилар сўзига биноан, аёллар юз-бетларига лой суртиб, табиий чиройларини яшириб, сочларини тўзитиб, уст-бошларини бошқачароқ қилиб олишди. Афғон аскарларидан жон сақлаш учун бу муҳим экан.

Шу аснода бир нарса мени қаттиқ ўйга толдириб қўйди. Сафар аканинг рафиқаси мендан сира кўзини узмасди, дарёда қайиқ устида эса келиб ёнимга ўтириб олганди. Ўнғайсизланиб, ундан узоқроқ ўтиришга ҳаракат қилдим.

Губсарчилар бизларни қуруқликка чиқариб қўйиб, хайрлашиб қайтишди. Улар йўл пулларини олдиндан олиб, дафъатаноқ бизларни Ватандан жудо қилиб қўяқолишганди. Икки отахон раъйига қараб, жилдираб оқиб турган сувда бет-қўл ювиб, таҳорат олиб, икки ракаат шукр намози адо этдик, дуо қилдик. Дуомиз ижобат бўлиб, ишимиз ўнгидан келди, шекилли, иттифоқо икки хачир, беш-олти эшак ва бир яғир отни етаклаб бир чўпон шу ердан ўтиб қолди. Бизларни кўриб, салом берди, кўринишидан тожикка ўхшарди. Жияк-ли дўппи, олача кўйлак ва япалоқ гулли чит тўн шундан дарак бериб турарди.

Бир эшакка қумғон, тугунча ва майда-чуйда юкланган, егулик нарсалар ҳам борга ўхшарди. Севиндим. Ҳавас ҳам қилдим. Майсалар устида ўтириб, атрофдан қуруқ ўтин тўплаб, чой дамлашни таклиф қилганимизда чўпон бажону дил рози бўлди.

Тугунчалар очилиб, ғурбат элда биринчи бор дастурхон ёйилиб, худо берган неъматлардан тановул қилдик. Эсон-омон ўтиб олганимиз ўзи Раббул оламиннинг чексиз марҳамати эди.

Бир чўпондан яқинроқ бир қишлоққа олиб бориб қўйишини илтимос қилдик. Чўпон: “Бугундан менинг меҳмонимсизлар. Мен ҳам уч йилча олдин сизларга ўхшаб минг хил азоб-уқубат кўриб, Ватанимдан ажрагандим... хайриятки, анавиларга йўлиқмадим, йўқса...” — деди чуқур хўрсиниб, аламли табассум билан.

Мен кўрган баъзи шахсий қийинчиликларимни батафсил ёзмадим. Чунки, мақсад ўзимнинг эмас, балки халқимиз бошига тушган мусибатлардан сизни оз-моз огоҳ этиш эди.

Йўлда, ишқилиб, даға1 ларга дуч келмайлик дея Худога илтижо қилардим. Чунки, жилғай ва саксовуллар орасида сочилиб ётган одам жасадларию қоқ суякларни кўрганимда юрагим бўғзимга келиб, қўлимга қалам тутолмай қолардим. Тангадай соя йўқ. Беихтиёр кўз ўнгимда Саройкамардаги биз ўзимиз бунёд этган боғларимиз пайдо бўларди.

Гоҳ эшакда, гоҳ пиёда икки кун йўл юрдик. Ниҳоят, бир қишлоққа дуч келдик. Кечаси тўс-тупроқли бир майдончада тўхтадик, чўпон зим-зиё бир уйга кириб, икки-уч эски кийим олиб чиқди, қўлидаги олтингугурт ботирилган қиёқларни ўчоқдаги ўтдан олов олдириб, саҳнни ёритди. Чўпоннинг исми Очилбек экан. Унинг ёрдами билан палос ёйиб, тоғам ва мендан бошқа ҳамма қўлидаги тугунчаларни ёстиқ қилиб, дарров ухлаб қолди.

Очилбекнинг сўзига қараганда, қишлоқ атиги йигирма беш хонадондан иборат экан, унда яшаётган беш-олти йиллик муҳожирлар бизга ўхшаш янгиларга хизмат қилар, шундан тирикчилик юргизишар экан. Барчалари ҳам Амударёдан ўтиб келган юртдошлар бўлгани учун аҳил эканлар. Сўнгги кунларда чегарадан ўтувчилар озайиб, бола-чақа боқиш қийинлашиб қолибди. Яқинда Ватанга қайтиш умиди билан йил бўйи иморат қилишга ботинолмай юмшоқ тепаликларнинг остини кавлаб, ғорларда хору зор яшаб, шунга ҳам шукр қилишаркан. Бу жойларнинг энг хавфли томони илон, чаён, қора қуртлар экан. Минг чақиримча нарида, қоялар орасидан чиқадиган сувдан ичишаркан.

Очилбек эшакка мешни юклаб, қўлига қумғон олиб сувга отланди. Мен ҳам унга эргашдим. Сўзлашиб кетяпмиз-у, у эса Амударё томондан кўз узолмасди. Буни кўриб, мени ғам босади. Ҳартугул Ватандан сўз очмади. Бир соатча уннаб, меш қумғон ва челакни сувга тўлдириб қайтдик. Қишлоқ аҳли иккимизнинг ҳимматимиздан хабардор бўлиб, ким сут, ким қаймоқ, ким қатиқ ва қора нон олиб келди. Очилбек зудлик билан бир ўсимлик баргидан кўк чой дамлади. Суҳбат бошдан-оёқ Ватан ҳақида бўлди. Қишлоқ аҳлининг кўпчилиги Фарғонадан бўлиб, усти-бошига қараб бўлмайди. Ҳаммасининг қовоқлари солиқ — Ватанда қолган қариндош-уруғларидан на хат, на хабар бор.

Афсуски, уларнинг кўзларидаги ёшини артишга ожиз эдик. Тоғам Қодиржон Очилбекнинг одамийлигидан сўзлаганча бўхчадан бир олачопон олиб унга кийдирди. Опамлар ўзлари учун атаб тиккан атлас кўйлак, лозимни мезбоннинг рафиқасига совға қилдилар. Чунки, у муштипар аёлнинг усти-боши таъриф этилмас даражада илвираб кетганди.

Икки отахон ўзаро маслаҳатлашиб, биттаси белбоғидаги халтачадан олтин танга чиқарди. Кекса, чўққисоқол бир отахон миннатдорона бош эгиб, узундан-узун дуо қилди. Опам дуогўйга бир Наманган дўппи кийдирдилар. Дастурхон йиғилгач, Очилбек тоғамга тепа остида кавланган бир ертўлани кўрсатди. Бориб кўрдик. Палос ўрнига қамиш бўйра, бурчакда иккита эски тўшак ва иккита ёстиқ турарди. Тоғам раҳмат маъносида икки қўлини кўксига қўйиб, миннатдорчилик изҳор қилдилар. Менга ишора бергач, нон ва тугунчаларни олиб келиб ўрнашдик. Шунга ўхшаш Сафар ака ва рафиқасини бир ертўлага, икки оқсоқолни бошқа бир ертўлага жойлаштириб, ўзлари ён қўшнилариникига кириб кетишди. Бизда айтарли пул йўқ эди-ю, опамнинг бир талай ранг-баранг тақинчоқлару, қимматбаҳо безаклари бор эди. Маълум бир муддат амал-тақал яшаб туришимиз мумкин.

Мана, орадан ўн кун ўтди. Барчамиз ўртада пул тўплаб, Очилбекка егулик олдирамиз, қишлоқ аҳлига малол келмасликка тиришамиз.

Ишим ҳар куни эшакларга меш ортиб, сув олиб келиш бўлиб, ўзимни шу билан овутардим. Ўн бешинчи куни эрталаб икки чол рози-ризолик тилашиб, бир қишлоқлик йигитча йўлбошчилигида қайгадир жўнаб кетишди. Адабсизлик бўлса ҳам бир воқеани ёзмай тура олмайман. Сафар ака билан танишганимдан бери рафиқасининг бежо қарашидан хижолат эдим. Ҳали ёш бўлганим учунми, бу боқишларга маъно беролмай ҳайронман. Лекин, у жудаям жонон аёл. Яна икки кун ўтиб, улар ҳам бир йўлбошчи раҳнамолигида кетмоқчи бўлиб, хайрлашгани олдимизга келишди. Хонободга биз билан бирга кетасизлар деб туриб олишди. Рафиқаси шундай деган бўлиши керак Сафар акага. Чунки, жувоннинг нигоҳи ҳамон менда эди-да. Тоғам негадир рўйхушлик бермай, яна бир муддат қолиб, ўйлаб кўришга қарор бердилар.

Қишлоқда янги келганлардан биз қолдик, холос. Очилбек доим насиҳат бериб, дағалар сўрашса, уч йил олдин келганмиз, деб жавоб беришимизни тайинларди. Албатта, бунда бир сир бордир, аммо биз парво қилмай юрардик. Соат, кун, ҳафтанинг маъноси миямда бошқача бўлиб, гўё дақиқалар тўхтаб қолгандай. Қаердан, қачон келганимни ҳам эсимдан чиқариб, шу қисқагина муҳожирлик минг йилдай туюлиб кетмоқда эди. Бу ёғи қандоқ бўлади, деган савол олдимизда тоғдай кўндаланг турарди.

Кечаси тоғам Қодиржонни қандайдир газанда чақиб олди. Эрталаб қарасак кўзи, дудоғи кўкариб, нофармонлашиб, шишиб кетибди. Бирпасда аъзои бадани тош қотиб, нафас ололмай қолди.

Очилбек биз дўппи кийгизган чўққисоқол дуогўй чолни етаклаб келди. Жанозаларда имомлик қилар, бир оз табиблиги ҳам бор экан. Чол Очилбекка қараб бош чайқагач, опам уввос солиб йиғлашга тушди. Тоғамни бий, яъни қорақурт чаққан экан.

Тоғам пешинга бормай жон таслим қилиб, бизларни Ватандан узоқ, ёт элда ёлғиз ташлаб кетдилар. Қишлоқликлар ёрдамида бир амаллаб кўмиб, маросим ўтказдик.

Мен ва опам нима қиларимизни билолмай, довдираб қолдик. Аммо, қишлоқ аҳли бизларга таскин-тасалли берди. Барибир, опам кундан-кунга сарғайиб борар, чурқ этмай фақат ер чизиб ўтирадиган, кечалари ухламай, ўзича жавраб чиқадиган бўлиб қолди. Бир куни кечаси донг қотиб ухлаб қолдилар. Айниқса, мен хурсанд бўлдим. Зора шундан куч-қувватга келиб, тузалиб кетсалар, деган умидда эдим. Тонгда хабар олсам, шифтга қараб кўзлари очиқ, қотиб қолганди. Дод солиб Очилбекка югурдим. У киши яна ўша чолни чақирди. Фақат афсуски, ярим кечада жон таслим қилганини айтди. Опамни дафн этдик.

Худо бундан баттаридан сақласин, деган сўзнинг маъносини энди англадим. Йиғи-сиғи билан маросим ҳам ўтказилди. Қишлоқ аҳли гўё яқин қариндошлардай жонкуярлик кўрсатишиб, менга тасалли беришарди. Ҳатто ўзлари ҳам: “Жон аялар, опалар, акалар, оталар, тезда Ватанга қайтинг. Ўликларимиз бегона тупроқда қолгандан кўра Ватан бағрида душманлар билан ёқалашиб, ўлганимиз афзал”, дея фиғон қилишарди.

Тоғам ва опамларнинг қирқини ўтказдик. Очилбек ва рафиқасининг фидокорлигига умрбод ташаккур айтиб юраман. Чунки, улар менга ибрат бўлдилар. Инсонийлик деган нарса зотан пок туркистонликлар урф-одатидан бир намуна бўлса керак. Меҳмонни азиз билиб, беминнат хизмат қилиш яна қайси миллатда бор экан? Ўз Ватаним Саройкамарда шунча қадрлансам эди, ғурбатда қолармидим? Демак, ғурбат адоси кишиларни бир-бировига яқинлаштириб қўяр экан.

Опамдан қолган бору йўғимни Очилбек ва рафиқасига қолдириб, тоғамдан қолган уч олтинни олиб, бир қишлоқлик одамдай Хонобод шаҳрига жўнадим. Қишлоқ аҳли гўё ўз фарзандини кузатгандай кузатиб қўйди.

Учинчи куни аср пайти Хонобод шаҳрига борганимда, кўприкда даға афғон мелисага кўзим тушди. Унинг бор-йўғимни шилиб олишидан чўчиб, бир панароқ жойда пойлаб турувдим, толеимга қаранг-ки, Сафар ака ўша ердан ўтиб қолсами. Кўришиб кетдик. Бошимдан ўтганларни бир-бир ҳикоя қилиб бердим. Икки кўзи афтодаҳол усти-бошимда. Хижолат бўлиб, бошимни эгдим. У раҳми келгандай, қўлимдан маҳкам ушлаб, мелисага парво қилмай олиб ўтиб кетди. Мелисанинг саломлашишига қараганда, аллақачон маҳаллийлашиб, ўз йўлини топганга ўхшайди.

Ҳовлисига борганимизда рафиқаси севинчдан питиллаб, яқин бир қариндошини топиб олгандай кўзлари порлаб кетди. Хижолат бўлдим. Аҳволимни кўриб, сув иситиб берди. Ювиниб, тараниб, Сафар ака берган кийимларни кийиб олдим. Номозшом, хуфтон аралаш тамадди қилиб, меҳмонхонага солинган ўринга кириб ётдим. Эрталаб турганимда офтоб бир-икки найза бўйи кўтарилиб қолган экан. Ҳовлига чиқсам ҳарир, мовий узун кўйлак кийган ҳалиги нозанинга кўзим тушди. Бош эгиб, эҳтиёт билан Сафар акани сўрадим. У жуда шўхчан қаҳ-қаҳ уриб: “Бир-икки соатларда келиб қоладилар”, — деб жавоб қайтарди. Олдимга келиб: “Сафар аканинг кийимлари сизга жуда ярашибди”, — деди.

Мен ҳурмат бажо келтириб: “Яхшиликларингиз учун раҳмат. Хижолатдаман”, — дедим. У тўсатдан икки қўлини елкамга ташлаганча:
— Арзимайди. Сиз ҳар яхшиликка лойиқсиз, — деб лабини ялади. Шу пайт дарвозадан Сафар аканинг товуши келиб қолди-ю, зудлик билан ўз хонасига кириб кетди.

Орадан бир ҳафта ўтди. Сафар ака билан хайрлашгандан кейинги воқеаларни эслашдик, мусофирчиликнинг раҳмсизлиги, Ватан соғинчидан дамо-дам кўзларимиз ёшланар эди.
— Хўш, — деди меҳрибонлик билан Сафар ака гап орасида, — кўринишдан ҳали ёшсиз, бирор ҳунарингиз борми?
— Келгиндилар ҳунар ўрганиш учун бизларга фурсат бердиларми? — дея кулдим. — Аммо, опам яхши пазанда, ҳам тикувчи эди. Миллий таомлар тайёрлаш дарсини олгандай бўлганман.
— Ундай бўлса, — деди Сафар ака – бир афғон ўзбек паловига пазанда қидириб юрувди. Эртаданоқ бирга борамиз.

Эртаси саҳар ошхонага бордик.
— Уста, ошпаз олиб келдим, — деди Сафар ака. Даға афғон каминани бошдан оёқ кузатиб, менсимагандай лабини бурди:
— Кўрамиз.

Ошхонага кирарканман, камида ўн йилдан бери тозаланмаган, занг босган қозону, чўмичга, капгирга кўзим тушди. Ичкариси зиндон каби қоп-қоронғи, пашшалар вижиллаб, кишини талайди. Ир-ғишлаб юрган бўрдоқи каламушларни айтинг. Нариги томонда ёғ босиб, қорайиб кетган қамиш бўйралар. Сопол косачаларнинг ҳолига маймунлар йиғлайди.
— Қани, бошла! — деди амрона ўшқириб даға. Мен бисмилло деб иш бошладим. Яхшиям сув сероб экан, вақтни ўтказмай, кўринган нарса борки, яхшилаб ювдим, бужмайиб, сўлиб қолган сабзи-пиёзларни артиб, тўғрадим, пашша босиб ранги кўкариб қолган гўштни чайиб, тўғраб, зиғир ёғи доғладим. Гуручни тошини термоқчи бўлиб қарасам, гуруч нобоп.
— Бўлмайди, — деб имладим дағага. У ниманидир фаҳмлаб, нариги қопни кўрсатди. Сув кўтариш, кўтармаслигини сўрасам елка қисди. Ҳайрон бўлдим, ўзимча иссиқ сувда ювиб дамлаб қўя қоламан, дедим.

Беш қадоқча гуруч ажратиб, тошини териб тоғорага солдим. Даға бошимда посбонлик қилгандай кузатиб турарди. Ҳаракатларимни тергамоқчи бўларди-ю, аммо ботинолмасди.

Мен ошни пешинга яқин дамлаб қўйдим. Даға дўкон эгаси ҳам бақлажон аччиқ-чучук усулли қовурма тайёрлади. Пешиндан кейин бадбуруш, пахмоқ соқол, ифлос дағалар оч бўридай ёпирилиб кела бошлашди.

Бирорта ўзимизнинг элатлардан кўринмаганидан лаган-товоқ йўқлигини пайқагандим. Чунки лаган сўраганимда, даға кулиб туриб, дастурхон ўрнига бўлса керак, мен тозалаб қўйган қамиш бўйраларни муштарийлар олдига ёзиб қўйган эди. Пиёла катталигида сопол косачаларга бақлажон қовурма солиб, устига яримтадан шапалоқдек юпқа нонни қўйди. Кейин дастаси қорайиб, моғори чиқиб кетган, иккала палласи ҳам тери тарози олиб келиб, бир палласига тахминан бир тош, бир палласига ош қўйиб тортди-да, ҳалиги яримта ноннинг устидан тўкди, хўрандалар олдидаги бўйра “дастурхон” устига дўқиллатиб, қўйиб чиқа бошлади. Хўрандалар паловни илк бор кўриб турганларидан ҳайрон. Қовурмага қўшиб қўл билан ҳовучлаб-ҳовучлаб олиб, бирпасда идишнинг рангини ўчиришди. Кейин қўлларини силтаб-силтаб, пулини тўлаб туриб кетишди. Оғзим очилиб, ҳанг-манг бўлиб қолдим. Азиз халқимнинг озодалиги ва назокати эсимга тушиб, шундай ваҳшийлар орасида муҳожир бўлиб қолганимдан афсусланиб, кўзим жиққа ёшга тўлди. Аммо, ваҳший бўлишса ҳам улар ҳур. Байроқ эгаси. Биз эса Ватансиз, дарбадар бир муҳожирлармиз. Ҳаш-паш дегунча ош тугаб, хўррандалар кетди, улар ўрнини қоп-қора пашша ва арилар босди. Дўкон эгасининг ранги очилиб, “офарин”, дегандай кўз қисди. Гадога пул бергандай:
— Ол, сенга! — деб менга уч танга чақа пул отди.

Мен учун садақа эмас, балки меҳнатимга берилган ҳақни олиб, липпамга урдим. Чунки чўнтагим йўқ эди. Бу ҳол бир ойча давом этди, дўконда ётиб турар, вақт замонларда дўкон деворларини оқ бўр билан оқлар, бўйралар ёғини тозалаб, ажабтовур қилиб қўярдим.

Савдо юришган сари хўжайиннинг чиройи очилиб, кунлик ҳақим беш олтингача чиқди. Хўрандалар хурсанд. Қўшни дўкончилар хурсанд. Мени кўрсатиб, даға тилида бир нималар дейишарди.

Бозорга бориб, бир туркман юртдошдан чўнтакли бир яктак, бир дўппи, кўйлак-иштон ва ковуш сотиб олдим. Сафар ака берган ки-йимларни ювиб, уч кунда бир уст кийим алмаштирадиган, улфат одамларга яраша олифта юрадиган бўлиб қолгандим.

Бугун жума. Эрталаб дўкон яқинида одамлар орасида 40 ёшлардаги бир дўппили кишига кўзим тушдию, юрагим ҳапқириб кетди. Чунки унинг бу ерлик эмаслиги яққол кўриниб турарди. Югуриб бориб, салом бериб, ҳол-аҳвол сўрашдим. У алик ўрнига йиғлагудек ҳолга тушди. Кейин ўшлик қирғиз эканини, уч бола ва хотини билан яқинда дарёдан ўтиб, иш қидириб юрганини сўзлаб берди ва йиғлаб мени қучди. Раҳмим келиб, дўконга олиб бориб, бир пиёла чой қуйиб турувдимки, хўжайин келиб қолди. Янги меҳмон ёқинқирамай, хиёл хўмрайиб қўйди.
— Бегонамас, хотиржам бўлинг, — дедим мен уни тинчлантириш мақсадида.

Жумадан сўнг таомларимиз тезда тугади. Хўжайин кундалик беш афғонни бера туриб: “Дўкон санга омонат”, — дея хайрлашиб кетди. Меҳмон қўлимдаги пулга қараб, алланечук бўлиб кетди. Чунки беш афғонийга камида 25 та нон ёки икки қадоқ гўшт олиш мумкин эди. Ҳиммат юзасидан унга бир афғонийни бердим.
— Отим Ўроқбой, болаларга нон олиб борай, — дея хурсандлигидан сабри чидамай учиб кетди. У кетгач, яна бир ҳамшаҳар келиб, салом берди. Алик олдим. У мени таниб, ҳол-аҳвол сўради. Сўзига қараганда, сартарошхонаси бор экан. Келаси жума куни гаштаги борлигини, агар мумкин бўлса, ўттиз кишилик ош дамлаб беришимни илтимос қилди, турар жойи, номини қоғозга ёзиб, менга узатди. Розилигимни олгач: “Хурсанд бўласиз”, — дея ўзи ҳам хурсанд жилмайди. Мен пулдан кўра кўпроқ юртдошларни кўриш орзусида Абдуманнон аканинг таклифини бажону дил қабул қилдим.

Ўшлик Ўроқбой ҳар куни келиб, суҳбатлашиб, сабзи-пиёз тўғрашиб, ёрдам берадиган бўлиб қолди. Мен, майли ўргансин, кези билан бирор жойдан иш топиб берарман, — дея ҳар куни бир афғоний пул берсам, гоҳо озиқ-овқат улушимнинг ярмини ёки қолган-қутган нону овқатни тугиб бериб юборардим. Пайшанба куни ҳамма ишни саранжомладим-да, жума куни ишим борлигини, ўрнимга Ўроқбой бўлиб туришини, пулини ўзим беришимни хўжайинга айтиб қўйдим. У ёқтирмайгина “хўп” маъносида бош силкиб қўйди. Хонобод шаҳрининг ўртасида “Бандар Бухорий” деган муҳожир юртдошлар маҳалласи бор экан. Бир томони ариқ, дов-дарахт, тоза ҳавосидан Наманган Найманчасида юргандай ҳис етдим ўзимни. Уй эгаси мулойимлик билан қаршилаб, меҳмонхонага олиб кирди. Кечаси тинч дам олиб, оғир ухлаб қолибман. Ғурбатга чиққанимдан бери бу биринчи марта одамга ўхшаб дам олишим бўлса керак. Тушимга бир нуроний одам кирибди, у ёнимга келиб ўтирди-да, “Безовта бўлманг, жияним, фақат эътиқодингизга содиқ бўлинг, ғафлатда қолманг, — дедию, кўздан ғойиб бўлди. Чиройли она тилимда қилинган бу насиҳатдан таъсирланиб, дилим ҳаприқиб уйғониб кетдим. Қарасам, ҳали тонг отгани йўқ.

Яна ухлаб қолибман. Яна туш кўрибман. Бошига чуст дўппи кийган бир киши қўлидаги китобни менга бера туриб: “Жияним, унда-мунда шу китобга ўхшаш китобларни ҳам ўқиб туринг”, — дедию, рўпарадаги бир боққа кириб кетди. Китобнинг муқовасига кўз ташладим: “Ўткан кунлар”. Орқасидан югуриб, тиниқ сув оқиб турган ариқдан ҳатлаб, боққа кирсам, одамлар намоз ўқияпти. Уйғониб кетдим. Шу пайт азон овози ҳам келди. Тезда таҳорат олиб, бомдодга чопдим. Кун бўйи шу туш хаёлимдан кетмади. Харажат тайёр экан. Катта қозонда ош дамлаб, яна қовурма пишириб, аччиқ-чучук, шакароб —ҳаммасини бажо қилиб қўйдим.

Жумадан чиқиб, меҳмонлар битта-битта кела бошлашди. Барчалари савлатдор одамлар. Юриш-туришу гап сўзларидан одоб ёғилади. Тамадди қилинди, чой ва мевадан сўнг суҳбат бошланди. Мени ҳам давраларига чақириб олишди. Пазандалигимни мақташди. Азбаройи хурсандлигимдан кўзларим ёшланди. Кўпдан бери илк бор мени ҳам инсон ўрнида кўриб ардоқлашлари вужудимни титратиб юборди, ўз қишлоғимда тургандай дилим равшан тортди. Чўққисоқол бир отахон сўзни Ватан ва истиқлолга қараб бурди: “Ҳаммамиз 1502 йилдан, яъни, Қозон хонлиги ва бошқа босқинчилар томонидан истило қилингандан бери қулликда яшаб келмоқдамиз.Бу сўзлар менга янгиликдай эди, ҳушёр тортдим. Чунки мен Туркистон 1881 йилдаги Туркман муҳорабасидан сўнг енгилган деб юрарканман. Ким билсин. Нима бўлганда ҳам шу давр ичида ватандошларимиз жувонмарг бўлиб кетишди. Чойдан сўнг навбат қовунга келди, хил-хил қовунлар дастурхонга ўзгача файз киритиб юборди.

Меҳмонлардан бири юзимга тикилиб:
— Офарин, ўғлим, қовун сўйишга уста экансиз, — деди, сўнг: Афсуски, бу қовунлар водий ва Бухоро қовунларига ўхшамас, — дея қўшиб қўйди. Хонобод пашшанинг кони эди. Иситма ва безгак касали хавфи катта. Ҳозир қовун еб турган одам, бирдан иситмалай бошлайди. Зах таъсиридан бўлса керак. Бозор нони мағзидан чумоли, пашша чиқмаса, Хонобод шаҳрида яшаганингизга ишонмайсиз. Дағалар қатори ерлик халқнинг кўпчилиги ҳам покизаликка унча эътибор бермай, микроблар билан қариндош бўлиб кетишган.

Меҳмонларнинг сўзларига қараганда яқин кунларда Ватаннинг ширин қовунлари ҳам кўпайиб қолармиш. Сабаби, кўчманчи муҳожир юртдошлар ўша сизу биз таниган қовун уруғлардан олиб келишиб, синаш учун экишга бошлашганмиш. Хусусан, бу мавзуга шаҳар ҳокими Шерхон жуда катта аҳамият бераётган эмиш. Чунки, у водий ва Тошкентда ўн йилча яшаб келган одам экан.

Гурунгда Ватан қайта-қайта эсга олинди, моддий жиҳатдан ночорлашиб қолган миллий курашчиларга қай йўсинда кўмак бериш, янги кўчиб келганларга иш топиш, мелисахоналарга тушиб қолганларни қутқазиш, болаларига она тилини ўргатиш борасида узоқ фикр олишувлар бўлди.

Бу суҳбатдаги гаплардан англадимки, ҳар қандай ҳолда ҳам Ватанни унутиб бўлмайди. Худо хоҳласа, қучоғингга қайтаман, она-Ватан! Тасодифни қарангки, бир иш билан бу ерга Сафар ака келиб қолди. Мажбуран даврага кириб ўтирди. Кечки пайт: “Уйга юринг” — деб туриб олди. Аввалига унамадим. Ҳа, эшагингиз лойдан ўтибди-да”, — деб киноя қилгандан кейин хотиннинг ҳаракатларидан андишамни ичимга ютиб, таклифини қабул қилдим. Кетар пайти уй эгаси:
— Меҳмонхона бўш. Қолаверинг, — дея яқинлик кўрсатди. Қололмаслигимни билгач, пул бермоқчи бўлди. Олмадим. Чунки ҳамюртларимни кўрганим мен учун пулдан қадрлироқ эди. Ҳар қанча рад этмай, чўнтагимга солиб қўйди.

Йўлда кетар экан, Сафар ака ўзи билан ўзи гаплашгандай, “тавба” дер ва ёқасини ушларди. Қизиқсиниб нима гаплигини сўрадим.
— Ҳе, жияним, — деди. — Икки юртдош пул орқасидан келишолмай қолибди. Пул берган кишининг сўзига қараганда, бошида шерикликка шартлашишган, аммо қарз олган киши уч йилдан бери пайсалга солиб келаркан, фойдасидан кечдим деса ҳам “пулим йўқ” деб қасам ичармиш. Аммо, ўзи мол-мулки кўплиги билан гердайиб юрармиш. Қизиғи шундаки, қарздор ўзи, давраларнинг тўрида ўтирса ҳам, иши пок кишиларга лой отиш экан. Орадан бир йил ўтибдики, ҳанузгача уч юз тилладан бир тилла ҳам қайтармаганмиш. Мен ҳам ўша одам билан гаплашиб кўргандим. Ўшанда: “Модомики, сизлар ўртага тушибсизлар, ҳурматингиз учун бир йил ичида тўлаш шарти билан 100 олтинга рози бўлсин. Сизлар гувоҳлигингизда ҳужжат ёзиб бераман”, — деган эди. Пул эгаси: “Мен ҳажга кетаман. Майли уч юз олтин ўрнига юз олтин қайтарсин. Аммо, нақд тўласин”, — деб ялиниб юрибди ҳалигача.

Во ажабо! Ватандан жудоликда пешона тери билан топган бечора бир кишининг пулини ҳийла билан олиб, қайтармаслик гуноҳи азим эмасми? Худодан қўрқмайдими? Сафар ака хўрсиниб қўйди.
— Худовандо, барчамизга инсоф берсин. Бу ҳам ҳал бўлиб қолар, — дедим Сафар акага.

Қовунхўрлик менга жуда катта зиён бериб, тўрт кун деганда Сафар аканинг хотини пиширган қуюқ-суюқ ошни ичиб, ўзимга келгач, иш жойимга бордим. Хўжайин йўқ. Ўроқбой ўз иши билан ўзи овора. Салом берсам, алик олмади. Кўрмагандир, дея яқинлашдим. Ҳазар қилгандай юз ўгирди. Шу пайт аллақаёқдан хўжайин пайдо бўлдию менга қарата ўшқира кетди:
— Қай гўрда юрибсан, ҳой ўриснинг жосуси, қочқинчи.

Ҳайрон бўлдим. “Сафар ака хабар берган эдилар-ку” — дея тушунтирмоқчи бўлдим. Аммо у: “Бировларнинг ювундихўри, йўқол!”, — деб ҳайқиргач, нафасим ичимга тушиб кетди. Чунки:“ғиринг” десам милицияга ушлаб бериши аниқ. Ўроқбойдан овоз чиқмайди. Хўжа-йин: “Мана, сан беш афғонийга қилган ишни манави икки рупияга жон-жон деб қойил қилаяпти дегандан кейингина гап нимадалигини англаб, миям зирқираб кетди. Чунки, яхшилик қилиб ёмонлик сотиб олгандим. Икки рупия бир ярим афғонийга тенг. Ваҳоланки, қарашгани учун Ўроқбойга кунда ҳалолидан бир, баъзан бир ярим афғоний бериб, ҳатто уч кун учун беш афғонийга келишиб олган эдик.“Гадонинг душмани – гадо” деганлари рост экан.

Мен буғдой экувдим, арпа униб чиқди. Яхшилик қилиб, ёмонлик олдим. Шунда ҳам тақдирдан кўриб, нарсаларимни йиғиштирдим. Кетаётиб, иккаласидан ҳам розилик тилаб, яхшиликча хайрлашмоқчи бўлдим. Аммо, улар жавоб ўрнига ит қувгандай орқамдан мағзава ағдариб қолишди...

* * *

Қаерга боришимни билмай, бир чойхонага бориб қўндим. Бомдод азонини эшитгач, ўзимга келиб, масжид томон йўналдим. Тасодиф деган нарса шу ерда ҳам мени ёлғизлатиб қўймай, Сафар акага дучлаштирди. Воқеани батафсил тинглагач, афсусланиб мени уйига олиб кетди.

Бир ойча бўлди. Бомдод чиқиб кетиб, хуфтон қайтаман. Жума ва шанба кунлари хизматим боис гап эгаларининг меҳмони бўлиб, уларнинг даврасида ҳам қорин тўйдириб, ҳам маънавий файзланиб юраман.

Баъзан кундузлари мардикорчиликда, баъзан тўйларда кўмаклашиб, кечалари машрабхонлик билан ўзимни овутаман. Ҳамшаҳарлар орасида эътиборим жойида. Ана шу ҳурмат борлигида Сафар аканинг уйидан кетиб, ҳаётимни тўғрилаб олишим керак, деган фикр миямда айланарди.

Бугун жума. Тобим йўқлигидан гаштакка боролмаслигимни хабар бериб қўйдим. Сафар ака қаергадир кетган. Хонамни ичкаридан қулф-лаб қўйиб, иситмалаб ётибман. Бир пайт кимдир эшик қоқди. Терлаб ётибман, овоз бермадим. Эшик эса тўхтовсиз дук-дук қиларди. Охири майин аёл овози эшитилди:
— Онт ичаман, сизга зарарим тегмайди. Мастава олиб келдим. Сиз билан икки оғизгина гаплашиб олмоқчиман. Хўп демасангиз, ҳаётимга зомин бўласиз.

Роса у ёқ-бу ёғини ўйлаб, эшикни очдим-у, бурчакка биқиниб олдим.

Заифа кириб патнисни хонтахта устига қўйди-да, ўзи эшик олдига чекиниб, мени дастурхонга таклиф қилди.

“Раҳмат” дегандай бош ирғадим-да, маставага бутун нонни бўктириб, пок-покиза туширганимни ўзим ҳам билмадим. Иккаламиз ҳам жим. Бир-биримизнинг оғзимизни пойлардик. Ниҳоят у:“Кечиринг, Ориф ака” — деди-да, ҳўнграб йиғлаб юборди. Нима дейишни билмай, дудуқланиб қолдим. Жувон ярим соатча достонини сўзлади.“Сафар акангиз мени пул кучи билан никоҳлаб олганлар. Севганим худди сизга ўхшаган чиройли йигит эди. Тақдирга тан бериб, номусимни сақлаб келмоқдаман. Аммо, уят бўлса ҳам айтай, у киши (Сафар ака) эркакликдан маҳрум, хунаса. Билиб туриб, зулм билан олиб юрибди. Мен“Талоғимни беринг”, десам,“Ўлганимда оласан”— дейди. Агар ўртага тушиб озод бўлишимга ёрдам берсангиз, бир умр хизматингизни қилардим. Бошқа ниятим йўқ. Агар ниятим бузуқ бўлганда эркак зоти Ҳиротдан келибдими”, — дея кўз ёши қилди.

Уни юпатиш ўрнида айтганим шу бўлди:
— Синглим, бу гапларни сиз айтмадингиз, мен эшитмадим. Чунки, сизлар шаръий эр-хотинсизлар. Сабр қилинг, бир йўли чиқиб қолар. Тез уйга кириб, ишингизни қилинг, Сафар ака келиб қолсалар, шубҳаланишлари мумкин. Менга ишонганингиз учун раҳмат.

Гапим тугамай, ташқаридан оёқ товуши эшитилди. Эшик ланг очилиб, Сафар ака пайдо бўлди. Хотинига кўзи тушдию заифанинг сочидан судраб, дўппослай кетди. Кайфим учиб,“ҳай-ҳай”лаб, ёнларига борган эдим, Сафар ака шартда ханжарини чиқариб, менга ўқталиб қолди:
— Йўқол, беномус! Қўйнимда илон сақлаган эканман. Қўлимда ажалинг етмай туриб йўқол, ифлос!

Начора! Қўни-қўшнининг эшитиб қолишидан қўрқиб, иситмада апил-тапил кийинарканман:“Илтимос, гапимни тингланг аввал”, — дея минғирладим. Аммо унинг гапимни эшитишга тоқати йўқ эди,“Йўқол, итвачча!” — дея қичқирди кўзлари қонга тўлиб. Бир амаллаб уйдан чиқдим-да, ярим кечада чойхонага бордим. Асли толесизлик пешонага ёзилгандан кейин қийин экан, яна буғдой экиб, арпа ўрдим. Эй Худо, бу не кўргулик!

* * *

Тузалиб қолгандай бўлсам ҳам, вужудим латтадай эзилган. Барибир Мозори Шарифда истиқомат қилиш ҳаваси кўнглимдан кетгани йўқ. Ҳамроҳ истаб, шаҳар чеккасидаги деҳқон бозор томон йўналдим.

Сарой дарвозаси олдида икки от қўшилган янгигина извош Қундуз шаҳрига жўнамоқчи бўлиб, яна битта йўловчи кутиб турган экан. Таваккал қилиб, беш афғоний тўлаб, шунга чиқиб олдим. Мендан бошқа яна уч йўловчи, аравакаш билан беш киши эдик. Ичкарида биттаси Мозори Шариф тожикларидан бўлиб, номи Ғуломсаҳий экан.

Йўл анчагина бор. Суҳбатлашиб кетдик.

Ғуломсаҳийнинг кабобпазлик дўкони бор экан. Орзу қилсам“Иш тайёр”, — деди.
— Насиб, — дея жавоб бердим ичимдан суюниб. Олдин бу шаҳарга омон-эсон бориб олиш керак эди. Қабристонга ўхшаш вайрона қишлоқлардан ўтиб боряпмиз. Аҳоли ҳаддан ташқари ночор ва ибтидоий. Йирик тошли йўллардан извош силкина-силкина юради, барчамиз ичи тушган қовундек бўлдик ўзиям.

Қундузда бир кеча-кундуз дам олдик. Кўча-кўй айланиб, саройга қайтдим. Бир ерлик кишининг сўзига қараганда, шаҳар ободончилигига сабаб, янги кўчиб келаётган фарғоналик муҳожирлар экан. Аммо, мен йўлда ҳамюртларимга дуч келсам ҳам, сўрашишга ботинолмай, гўё ҳаммалари сўнгги воқеадан хабарлари бордай ҳадиксираб, сўрашишга чўчирдим.“Киши хиёнат қилмай туриб шунчалик қийналса, хиёнат қилганлар қандай бош кўтариб юраркин-а?!” — ўйлардим ўзимча.

Эртаси куни тахтадан ясалган ибтидоий солда Қундуз дарёсидан нариги томонга ўтиб олдик. Бу томон у ёқдан ҳам беш баттар экан. Атроф қуш учса қаноти, одам юрса оёғи куядиган биёбон. Номи ҳам “Исми жисмига монанд” дегандай:“Дашти Қободиённинг беш томони”. Аммо дарёнинг лаққа балиғидан еб, мазза қилдик.

Ғуломсахийнинг сўзига қараганда, бу чўлнинг шимоли Амударёга, ғарби Майманага ва жануби Мозори Шариф шаҳрига бориб тақаларкан. Зотан биз шу чўлдан юриб ўтган эдик. Икки отли аравада уч киши кечаю кундуз йўл юриб, ниҳоят манзили мақсуд — Мозори Шарифга етиб келдик.

Дарҳақиқат, шаҳар Ғуломсахийнинг мақтаганича бор экан. Хусусан, Равза зиёратгоҳига гап йўқ. Болалигимда Ҳўқанд саройини кўрган эдим. Унинг ёнида Равзанинг меъморий шакли жудаям бошқача. Фахр-ланадиган томони шундаки, бу обида ҳам боболаримиз Ҳусайн Бойқаро ва Навоий ҳазратларидан қолган мерос. Аслида-ку, бу тупроқлар ҳам она-Туркистонга қарашли.

...Тўғри Ғуломсахийнинг ҳовлисига бориб қўндик. Бир кун дам олгач, бозорга тушиб, харажат қилиб қайтдим. Уй эгасининг рухсати билан боплаб олти кишилик ош дамладим.

Уй эгалари кунига олти афғонийга иш таклиф қилишди. Бир ҳафта кейин иш бошлашга келишдик.

Пайшанба куни эди. Бозор тушдим. Бозорда мўл-кўлчилик, ҳар растада камида йигирма-ўттиз муҳожир ҳамюрт савдогар бор. Туб аҳолининг аксариси — покизагина кийинган тожик, туркман кишилар. Агар яккам-дуккам даға бўлмаса, гўё Наманган бозорими дейсиз. Қонга ўхшаш, бурмали иштон кийган дағаларнинг ифлослиги кўнгилни оздиради.

Тепароқдаги дўконда ўтирган қора соқолли нуроний киши барваста қоматини кўтариб, мени чорлагандай бўлди. “Менми?” — дея бармоғимни кўкрагимга бигиз қилдим. “Ҳа”, — деган маънода бош ликиллатди у. Салом бериб, яқинлашдим. Новчалигига қарамай, чаққон сакраб дўкондан пастга тушди. Маҳкам қучиб сўраша кетди:
— Водийданмисиз? Янги келдингизми? Исмингиз нима? — деган саволлар билан юқорига бошлади. Дуои фотиҳадан сўнг бирпасда апоқ-чапоқ бўлиб кетдик. Қондошлик мўъжизаси шу бўлса керак, деб ўйлаб, юрагим орзиқиб кетди.

Янги танишим ҳунаримни сўраб қолди. Ошпазман, дедим.
— Менинг исмим Жавлон. Андижоннинг Дардак қишлоғиданман. Дўкон ўзимники. Ҳовли, боғим бор. Бу кеча меҳмон бўласиз,— деди у.
— Омон бўлинг, ташаккур, бошқа жойга бораман деб қўйган эдим. Исмим Ориф, янги келдим. Худо хоҳласа, ҳали кўп кўришамиз.
— Аттанг. Менда толе бўлса, Ватандан ажраб қолармидим, — дея сўлиш олди дўкондон.

“Ватан” сўзини эшитиб, аъзои баданим титраб тушди. Ундан узоқлашганим сайин муҳожирларга шунча кўп дуч келмоқда эдим.

“Азон яқин” дея турмоқчи бўлдим. Аммо самоварчи бир чойнак чой, мева-чева тўла патнисни Жавлон акага узатди.
— Ҳали вақт бор, жияним.

У икки-уч исмни айтиб чақирган эди, зум ўтмай торгина дўконча одамга лиқ тўлди, қўйди.

Бир-бир кўришдик. Барчалари ҳам Ватандан хабар кутгандай менга мўлтайиб қараб турар, савол устига савол берар эдилар. Шунда ичларидан биттаси:
— Биродарлар, ҳаммага бирданига жавоб қайтариш қийин. Яхшиси, меҳмонни гапимизга таклиф қилайлик, ўшанда гап оламиз жиянимиздан, — деди кўзлари ёшга тўлиб.

Шу тўхтамга келиб, хайрлашдик.

* * *

Кейинги ҳафта учрашуви учун хўжайиндан рухсат сўраганимда у бажону дил хўп деб, қўлимга анчагина қоғоз пул ҳам тутқазди ва қўшиб қўйди:
— Якшанбага рухсат, бемалол.

Эрталаб ювиниб-тарандим-да, йўлга тушдим. Равза узоқлардан кўзга ташланиб турарди. Мозори Шариф шаҳрининг фахри бўлган феруза гумбази неча асрлардан бери бешикаст, савлат тўкиб турибди. Бино ичидаги даврахоналарда сийрак қабрлар бор. Саҳна ўртасида гўё ҳазрати Алининг мозори. Ваҳоланки, ҳазрати Али бу томонларга келгани ҳам йўқ. Аммо ривоятга кўра, турли тарафлардан келган муридлар ҳазрат Алининг маййитини ўз юртларига олиб кетиш учун еттита тобут олиб келишган эмиш. Тобутлардан:“мен қайси тобутда кўринсам, ўшаларникиман”, — деган овоз келармиш. Еттита тобутда ҳам у киши намоён бўладилар, бинобарин тобут эгаларининг ҳар бири ҳазрат Алини ўзлари билан олиб кетганига ишонар эди. Шунга ўхшаб, Фар-ғонадаги Шоҳимардон қишлоғи аҳли ҳам шундай эътиқодга эга эдилар.

Равза ҳовлисининг шимолий томонида чорбоғ ва ҳазрати Аббос зиёратгоҳлари, кун чиқарда Болойиҳазор ясама тепаси, кун ботар томонида аҳоли ҳовлилари ва бир туп чилонжийда ва бир арча дарахти қаламдай ҳавога тиралиб ўсган. Халқ орасида Сабр дарахти номи билан машҳур. Унинг ёнида жудаям чиройли чиннилар билан безанган хароба бир обида. Тўғрироғи, у Равзадан алоҳида. Аммо йўл билан бир-бирига уланганидан Равзага қарашлига ўхшарди. Афғон раҳбарлари бу бинони бузиб, турк изларини йўқотиш ҳаракатида эмишлар.

Равзанинг жанубий томонидаги катта кўчанинг ўнг томонида ҳазрати Баҳовуддин Балогардоннинг зиёратгоҳи бор. Равзанинг яна бир хонасида эски подшолардан Шералихоннинг қабри ястанган. Равзанинг кенг ҳовли саҳни кўк-сариқ тўртбурчак, қизғиш пишиқ ғиштлар билан фаршланган. Мингларча оқ каптарлар ғужғон. Бу каптарлар аждоди асли Самарқанддан олиб келинган экан, ораларида бирорта қораси йўқ.

Равзанинг жанубий дарвозасида пахмоқ соқол, салласи катта, дуо-гўй эшонлар ўтиришарди. Аслини сўрасангиз, улар ковуш пойлаган текинхўрлардан бошқа нарса эмас. Тижорати ривожланган Мозори Шариф савдогарларининг кўпчилиги туркий халқлар бўлиб, нисбатан зиёли кишилардир. Даға афғонлар ҳокимият ғурури билан ўзларини осмонда тутишади, бу яхшимас, албатта, аммо ўз эли орасида биродарона ҳамжиҳатлик кўзга ташланиб туради.

Жума намозидан кейин Жавлон ака билан бирга Абдурашид Самарқандий исмли бир юртдошнинг боғига қараб жўнадик. Сув танқислигига қарамай, маҳалла жуда покиза. Сердарахт. Хусусан, ҳожатхона масаласи Хонободдагиларга қараганда анча дуруст. Бу шаҳарнинг ҳавоси қишда жуда совуқ, ёзда жуда иссиқ бўлиб, айниқса гармселини жаҳаннамдан нишона дейишади.

Ана шундай “жаҳаннамий” ҳавода тўсатдан салқин жойга кириб тиниқ сув тўла балиқлар ўйнаб турган чинор остидаги ҳовуз бўйида чўғдай, туркман гиламлари устига тўшалган атлас кўрпачаларда дам олиб, меҳмон бўлиш қанақанги ҳузур бағишлашини ўзингиз билаверинг.

Бизларни дарвозахонадан боғ эгаси Абдурашид Самарқандий қаршилаб, меҳрибонлик кўрсатди. Дарвоза пешонасига арабча имлода жудаям чиройли ва жуда йирик ёзув билан“Абдурашид Самарқандий” деб ёзилган. Меҳмонлар салом беришиб, бирин-кетин кела бошлашди. Кўзим қип-қизил туркман гилами устидаги атлас кўрпача ва оқ парқуларда. Гўё Ватанимдаги бир боққа кириб қолгандайман.

Меҳмонлар жойлашгач:“Илоё келаси мажлисимизни Ватанда ўтказиш насиб этсин”, — дея юзларига фотиҳа тортишди. Бир лаҳза овозлар товланиб, кўзлар ёшланди. Сўрашиш асносида Жавлон ака мени“пазанда укамиз, Орифжон”, — дея таништирди. Бош эгиб, икки қўлим кўксимда, таъзим қилдим. Кейин даврада ўтирганлар ўз номларини ва қаерлик эканликларини бир-бир айтиб, роҳатбахш совуқ сувда қўл чайишди, миллий таому неъматлардан тановул қилишди. Таомдан кейин бир-икки оят тиловат қилишиб, яна Ватан озодлиги, тинчлик-омонлик учун дуо ўқишди. Чойдан кейин уй эгаси менга қараб:“Орамизга хуш келдингиз, Ватан ҳидини олиб келдингиз” дея яна бир бор илтифот кўрсатишди.

Абдурашид ака новча, барваста кишига:
— Қани, қори Сойиб, марҳамат, — дея мурожаат этди.

Ул зотнинг лақаби шоир Увий, номлари Қори Муҳаммадшариф экан. У киши ҳам кўз ёшини артиб туриб, ўн-ўн икки мисрали бир шеърини ўқиб, даврадагилардан олқиш олди. Ундан сўнг Мирзаҳаким номли ҳўқандлик ҳазилкашга сўз берилди. Ундан сўнг бир кўплари Ҳуррият, Ватан ва муҳожирлик ҳақида ўз улушларини баён қилиб, юртдошлар орасида жуда қадрли бўлган Шоилҳом Тошкандий орзусига биноан“Ҳижрон турур жафосидан жон бўлди беқарор”, — деган ҳазин ашулани бошлади. Жамоат пиқиллаб йиғлашиб олдик. Ке-йин ҳамма менга қараб, Ватан ҳақида маълумот истади.

Қишлоқдан чиқишдан бошлаб, шу мажлисгача ўз ҳикоямни сўзлаб, ҳурмат кўрсатдим. Вақт анча кеч бўлгач, фотиҳага қўл очиб, яна бир бор Ватан озодлиги учун дуо қилинди.

* * *

Мозори Шариф аҳолисининг ҳусни-хулқи, Ватанимизга қўшнилиги, нон, қаймоқ ва меваларининг мўллиги Ватанни эслатганигами, унга боғланиб, олти йилча қолиб кетдим. Аҳён-аҳёнда Тошқўрғон шаҳарчасига бориб келаман. Тарихий Балх, оталар ёдгорликлари, хусусан, Аҳмад жангчининг мозорига зиёратлар, тарихий воқеалар ҳақида ҳайратомуз ҳикоялар мени аждодлар тупроғига боғлаб қўйди.

Яна Оқнай, Сарикўл, Маймана, Андхўй деган бир кўп шаҳарларни айланиб чиқдим. Барчаси ҳам тарихийлиги билан маълум ва машҳур.

Мозори Шарифдаги муҳожир юртдошларнинг гапу гаштаклари мазмунидан Ватанга интилишини кўриб қойил қоламан. Ҳар суҳбатда Оврупо ва Туркияда миллий курашчи ватанпарварлар томонидан нашр қилинган китоблар, журналлар ва газеталардаги чиқишлар мени маҳлиё этарди.

Ибн Сино, Алишер Навоий, Бобур, Нажмиддин Кубро, Хўжа-обид, Абдураҳмон Жомий, Муқимий, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Садриддин Айний, Махтумқули, Абай, хуллас, аксари мумтоз ёзувчилар ва уларнинг асарлар устида бўладиган суҳбатларда мен аслимни танигандай бўламан. Бундай йиғинларда беғараз хизмат қилар ва бундан ўзим кўпроқ ҳузурланардим.

Айрим харажатлар, хусусан, моддий томондан қийналиб қолганлар учун пул тўпланганда мен ҳам баҳоли қудрат ҳиссамни қўшаман. Иш жойимда хўжайин хурсанд. Ҳаққимни бегидир адо этиб туради.

Жонимни қийнаган бир нарса — гиламчи туркман аёлларининг аҳволи жуда чатоқлиги эди.

Бизда шўролар бўлса, бу ерда дағалар оддий халқ бошига битган бало эди. Шўрлик халқ ўз молини Афғонистон иқтисодиётига қўшган ҳисса деб билган ҳолда меҳнатига яраша ҳақ ололмасди. Ўзбеклигим учун шундан айниқса изтироб чекардим.

Шу орада бир воқеа бўлиб ўтди.

Хўжайиним Ғуломсахийнинг бир қайинсинглиси бор эди. Бир-икки бор дарвозахонада сочи узун даға йигит билан адабсиз вазиятда кўрган эдим. Иккаласи қўрқиб, сирларини фош қилмаслигим учун роса ёлворишди. “Менга нима”,— деб қўя қолдим. Бир ойча кейин хўжайин, хонани тозалаб, кир-пиримни ювиб берсин деб ўша қизни юборди. Рад қилдим. Аммо хўжайин ўзи келиб ундагандан кейин иложсиз калитни бериб, чиқиб кетдим. Хуфтондан сўнг қайтиб, не кўз билан кўрайки, даға йигит билан қиз ювуқсиз ҳолда ётишарди. Йигит тезда кийиниб чиқиб кетди. Унинг дўппайган чўнтагига кўзим тушиб, юрагим шув этди, ёстиқлар орасини титкиладим. Йиллар меҳнат қилиб, емай-ичмай, Ватанга қайтиш учун тўплаган ақчамни “ер ютган” эди. Вақтни ўтказмай хўжайинга югуриб, пул воқеасини баён қилдим-у, қиз ҳақида индамай қўя қолдим.

Ғуломсахий ҳайрон бўлиб, бугунгача берган пулини ичида ҳисоблагандай деди:
— Жуда катта пул-ку.
— Ҳа. Жуда катта пул.

Ғуломсахий қизни чақириб, сўраб кўрди. Аммо натижа йўқ. Қўлимни бурнимга тиқиб қолавердим. Миршабга берай десам, даға миршаблар ҳужжат сўраб, бошимга бало орттиришдан қўрқдим. Ҳатто ҳамшаҳарлар орасидаги бирорта дўстларимга масалани очмай, эски ишимда давом этдим. Ўша-ўша даға йигит ҳам, қиз ҳам кўринмай кетди.

Орадан олти ойча ўтди. Миш-мишларга қараганда, қизнинг ҳомиладорлиги ошкор бўлиб, Ғуломсахий уни калтаклабди. Ҳаромининг отасини сўрашганда, жувон ўлгур менга юклаб қўя қолибди.

Хўжайин ҳам оғзи қулоғида, ҳиринглайди:
— Хотиржам бўлинг, ёпиғлиқ қозон ёпиғлигича қолади, дарҳол тўйни бошлаймиз.
— Нима, тўй?! — дедим, жоним чиқиб.
— Бошга тушганни кўз кўради, дейдилар каллахом ўзбак.

Чапараста жаҳлим чиққанини сезди, шекилли, сал мулойимлик билан гапиришга ўтди.
— Ёлғон!!! – дедим жавобан, титраб.
— Аввал ўйлаб иш қилсайдинг, аҳмоқ? — дея ўшқирди Ғуломсахий.

Ҳечдан кўра кеч, дея ўша воқеани батафсил сўзлаб берган эдим, аммо у ишониш ўрнига:
— Тўйдан кейин хинони... — деди, — қизнинг отаси даға, мен ҳам қўрқаман, шўро жосуси дея қаматиб юбориши мумкин.
— Бир дағани хотин қилиб яшагандан зиндонда чириганим маъ-қул!!! – қичқирдим мен.

Шовқинга бутун уй аҳли ёппасига югуриб чиқди. Хусусан, Ғуломсахийнинг мен ҳанузгача кўрмаган алвасти келбат хотини супургиси билан ҳужумга ўтди:
— Каллахом ўзбак, жосус, қочоқ, чапандоро!.

Калтакдан аъзои баданим шилиниб, тўғри Жавлон аканинг олдига бордим. Воқеани эшитгач, ишонишни ҳам, ишонмасликни ҳам билмай, ҳайрон бўлиб қолди. Ювинтириб-кийинтириб, бир кеча меҳмон қилди. Эрталаб бир от аравакаш бирлан келишиб, мени Тошқўрғонга кузатиб қўйди.

Азиз юртдошларим билан хайр-маъзурни насия қилиб қочганим учун ҳали-ҳануз ўзимни кечиролмайман. Яна бир бор буғдой экиб, арпа ўрганим қолди.

* * *

Тошқўрғонда ҳам бирмунча дўстлар орттирдим. Ҳунарим соясида беш-ўн танга тўплаб, қора тўриқ от сотиб олдим. Бир мажлисда бедилшунос адиб биродарларнинг суҳбатидан азбаройи таъсирланганимдан шу азизларнинг маслаҳати билан савр ойи охирларида Ойбек шаҳри томон жўнадим. Довон ошиб, чарчасам ҳам қийналмай Ойбек шаҳарчасига етиб келдим. Атрофи аксар пистазор бўлган шаҳар озодагина экан-у, аммо зиёли кишилари йўқдай, асл халқи ўзбек, тожик, ҳазора. Афсуски, дилозор, даға афғонлар бу ерда ҳам истаганча топилади. Ўн кунча дам олиб, Пулҳур томон йўл олдим. Пулҳурда таниш-билиш топилмади, бу ғирт азоб эди. Ҳамманинг мақсади кетмоқ. Хору зорлик мендан бошқаларнинг ҳам қисмати экан. Бир амаллаб иккинчи ватаним Туркияга бориб олишим керак, деган тўхтамга келдим. Ватандош керак экан кишига. Балки Қобулда ниятимга етарман? Афғон даға қишлоқиларидан, нисбатан тожиклар яшайдиган Чорикор, Саройхўжадан ўтиб, кейин Кобулга етиб келдим. Икки тоғ орасида жойлашган шаҳар ўртасидан дарё оқади. Аммо дарёдан сиз ўйлагандай кўм-кўк, тиниқ сув оқмайди. Шаҳарнинг ифлослигини таърифлаб, таъбингизни бузмай қўя қолай. Икки-уч қаватли лой уйлар оралаб, тор кўчалардан ўтишнинг ўзи бўлмайди. Шўрбозор ва хиёбон атрофидаги кўчаларда кўпроқ ҳазора қавми яшайди. У ерларда овқатланган соғ одам эртаси ўлмаса ҳам индинга етиши даргумон.

Аммо Бобуршоҳ мақбарасигача ариқ кавланиб, зилол сув олиб келинган бўлса-да, бугунда жилдирабгина оқади. Ҳавоси яхши. Раҳматли Бобур“Ватанга яқин бўлайин”, деган мақсадда шу ерга кўмилишни орзулаган бўлса керак. Афсуски, минг меҳнат билан вояга етказилган боғ-роғлар бефайз, мақбара харобага айланиб, ҳовузлари сувсиз, қимматбаҳо мармар тошлар ўғирланган. Ҳазрат Бобур шу ётишда мендан ҳам ғариброқ туюлиб, қалбим зирқираб, зиёратларида узоқ ўтириб қолдим. Руҳларига Қуръон тиловатлар бағишладим. Озгина бўлса-да, таскин топиб, яна йўлга тушдим.

Кўпдан буён суҳбатга муҳтож юрардим. Тасодифни қарангки, суҳбатдошлардан ёлчидим. Сартарош Назиржон, мен билан тенгдош, меҳрибон, хушхулқ йигит. Шу бозорнинг ўзида ўнтача сартарош, уч ошхоначи, бир гиламфуруш, уч новвой, бир ковушдўз, уч кулчапаз, икки қандолатчи туркистонликлар билан танишдим. Моддий ҳолатлари қандай бўлишидан қатъи назар, доим бир-бировларидан бохабар. Икки юзга яқин савдогар биродарларнинг ягона мақсадлари — Ватанни кўриш. Яна дардим янгиланди.

Жамиятда воқеа-ҳодисалар ичида аллома зотлар даврасида юрганимми ёки чўнтакка бир оз пул тушиб, ўзимни ўнглай бошлаганимми, тилим чиқиб, назарга тушган эсам-да, барибир, бошим ғалвадан чиқмасди.

Усти бошим башанг. Эътиборим ҳам жойида. Бир кун оғир юк кўтариб, терлаб кетган бир ҳазора одамга дуч келиб қолдим. Чингизхон невараларидан бўлган бу бечора халқнинг иши даға афғонларга хизмат қилиб хўрланиш. Юки жуда оғир кўринади, устига-устак икки бўлак. Бирини эпласа, наригиси юмалаб қийнайди. Одамийлик қилай деб юкининг кичикроғини даст елкамга олдим, беш юз қадамча юрувдикки, икки мелиса бизни тўхтатиб, юкларни тинтий бошлашди. “Тфу-у!” деб юзимга тупук сочганича, қўлимни қайириб боғлади. “Ўзбак хар, сартбачча!” – дея савалай кетди. Оғиз очирмай мелисабошига олиб борди.
— Сен ўзинг бир қочоқ, муҳожир бўлсанг-у, нимангга бино қўясан. Айт пулни кимлардан оласан?

Биттасига жавоб олмай, бошқасини айтади. Бир пайт бўйнимдаги чарм туморчани ушлаб, баттар авжга минди:
— Ҳали бу ўлкамиз конларининг харитаси бўлса керак, а?

“Хўш, қани, гапир энди” дегандек кўзларимга тикилди. Мен ҳам дангал дедим:
— Худога шукр, сиз ҳам, мен ҳам мусулмонмиз. Очиб кўрсангиз биласиз, безгак дуоси.

У ўқрайиб қўйди-а, юкни оча бошлади. Мен парво қилмай ўз-ўзимга сўзлардим:“Киши балога қолурми, ўз ихтиёри билан?” Мелиса ҳуштак чалиб юборди.
— Вой-вой, ҳали ўз ватанингни сотиб, энди биздай пок миллатга хиёнат қилмоқчимисан?

Оғзидан боди кириб, шоди чиқарди. Нима бало бўлди десам, ҳалиги кўтаришиб келганим ўн-ўн иккитача тўппонча экан.
— Нариги юк кимники? — сўради мелиса.
— Иккаласиям шу бадбахт ўзбакники! – деди ҳазора.

Лол бўлиб қолдим. Ҳазора тап тортмай туҳмат қиларди. Ўт балоси, туҳмат балосидан асра, деб бекор айтмас экан. Бир вақт мелиса, ҳазора, ҳаммол, мелисабоши шундоқ нариги хонага кириб, гаплашиб чиқишди. Демак, ҳаммол олдиндан кузатувда бўлган. Тасодифни қаранг-ки, қопқонга мен тушиб ўтирибман. Аммо ҳақиқат маълум бўлгач, энди бир ўқ билан икки қушни нишонга олишмоқда эди. Мелисабоши ҳовуридан тушиб:“Агар шу аҳволда қозихонага тушганингда дом-дараксиз кетардинг. Ундан кўра...” – дея бошдан оёғимни кузатиб, назаридан ўтказганича кўзларимга тикилиб, жавоб кутди.
— Қозихонаси ҳам одил-ку! — дедим тилимга эрк бериб.
— Ўзбакларда Бухоро тилласи кўп бўлади-а? Хоҳласанг, бу ишни ёпди-ёпди қилиб, сенга яхшилик қилишим мумкин.
— Раҳмат, аммо бой эмасман, — дея минғилладим.

“Ўзинг биласан” деган маънода елка учирди. Қўрқувдан тиззаларим қалтираб, мажолим қолмади. Чунки бу ўлканинг қонуни мелиса эди. Бутун қарору фармонлар уларнинг олдида чикора. Мозори Шарифдаги воқеадан кейин бор топган-тукканимни белимга боғлаб юрардим. Ичкари хонага рухсат сўраб, кийимларимни ечиб, қоғоз ва танга пулларни пеш тахта устига тўкиб, мелисани чақирдим. “Бутун бойлигим шу”, дея эгилиб, таъзим қилдим. “Бу юк меники эмас, аҳмоқлик қилдим. Худо хайрингизни берсин, мусофир одам билиб туриб бундай номаъқул ишларга бош қўшармиди? Ишонинг, ҳурматли соҳиб!” –дея ялиндим.
— Ҳали ҳужжатинг ҳам йўқдир?

Бошимни қуйи солиб, сукут сақладим. Хўжайиннинг ёнида турган маҳмадона бир ўзбек мелиса унинг қулоғига бир нарсалар деб пичирлади. Кейин мени қўйиб юборишди.

Анча олдинроқ ҳамюртлар мени Исмоилжон деган бир киши билан таништиришган эди. У Туркия элчихонасида ҳайдовчи бўлиб ишларди. Мақсадимни айтганимда, у маъқуллаганди:“Офарин! Инсон каби яшамоқ учун, киши албатта, ўз қондошлари орасида бўлиши керак!” Қўйинг-чи, элчихонага олиб борди. Кобулда элчихонага кириш ўлимдан қийин. Чунки, жосусликда гумон қилиниб, зиндонларда чириётганлар қанча.

Элчихона машинасида боққа кирдик. Яҳёбек номли очиқ чеҳрали, барваста бир киши илтифот билан қаршилади. Бошимдан ўтганларни батафсил ҳикоя қилдим. “Отатуркка фарзанд бўлиб, Ватаним Туркистонни озод қилиш – ягона мақсадим”, — дедим кўзларимдан ёш қуйилиб. Исмоилжон аканинг:“Элчи яхши одам, шоир табиат”, деганича бор экан. Элчи пешонамдан ўпиб, кўнглимни кўтарди. Котибни чақириб, икки варақ қоғозга нималарнидир ёзди, қўл қўйди ва менга ҳам қўл қўйдиргач: “Туркия чегарасига борганингда, кўрсатасан”,— дея қоғозни қўлимга тутқазди. Кейинча мен учун табаррук бўлган бу қоғозни чарм ғилофчага жойлаб, тумордай бўйнимга осиб олдим. Ҳалиги мелиса хўжайини сўраганида“безгак тумори” деганим ўша ҳужжат эди.

* * *

Кобулда улуғ хосиятли юртдошлардан бири бу — кўп оғир кунларда синашта дўстимиз Исломжон носвой эди. “Носвой” лақабига сабаб кунига икки носқовоқни бўшатади, десам ишонаверинг. Қачон қараманг, оғзи тўла нос. Бир гап сўрасангиз аввал “туф” деб туфлайди-да, гапингизга жавоб бериб, яна чекиб олади, туфлайвериб тупроқни носвой гиламга айлантириб юборади. Ўша Исломжон аввал Ҳиндистонга, ундан кейин Туркияга кетмоқчилигини айтиб, ҳамроҳ бўлишимни сўради, бу айни муддао бўлди. Сафардан бир кун олдин ҳаммомга бориб ювиниб, яхши ниятда покланиб олдик.

Икки дўст маслаҳатлашиб, Туркияга Ҳиндистон йўли билан эмас, Эрон йўли билан боришга қарор қилдик. Юртдошлар билан рози-ризолик тилашиб, йўлга тушдик. Устига юк ортилган машинага чиқиб, бошқалар қатори юклар устига жойлашдик. Машина ҳар ўттиз-қирқ чақиримда бузилар, кўплашиб итариб, моторни зўрға ўт олдириб, яна йўлга тушардик. Хайриятки, йўлда бирор марта даға афғон текширувчи ёки ёмон ниятли кимса йўлиқмади. Эртаси бомдод бир амаллаб Ғазна шаҳарчасига етиб бордик. Бир замонлари машҳур бўлган Ғазна шаҳрининг ҳавоси мусаффо. Бинолари хом ғишт, сомон сувоқ. Лекин қадимги осори атиқалар шон-шуҳратидан нишон йўқ, қабристон мисоли ўлик бир шаҳар. Маҳмуд Ғазнавий, Абу Райҳон Беруний ва бошқа тарихий аждодлар руҳига дуои фотиҳа ўқиб, саройдаги мусофирхонада икки кеча-кундуз дам олдик. Учинчи куни от киралаб, Қандаҳор томон йўлга тушдик. Йўллар бир аҳвол бўлиб, халқининг ҳолига маймунлар йиғларди. Биз ҳам пиёда юрган ҳисоби, учинчи оқшом Қандаҳорга етиб келдик.

Бу шаҳар ҳам бизга яқин бир зотларга бағридан абадий жой бергани учун қадрли.

Усти-бошимиз тердан чириб, жийиб кетди. Яхшиямки, тугунчада икки-уч сидра кийим олганмиз. Сарой чойхонасига бориб тушдик. Сув йўқ экан. Чойхоначидан сўрасам: “сув йўқ, чой бор”, десами? Аччиғимни ичимга ютиб, бир афғоний бериб, илтимос қилдим. Хумчада сув олиб келди. Оз кўринди. Яна пул бердим. Яна бир кўзачада сув олиб келди. Исмоилжон иккаламиз ювиниб, кейин ётиб ухладик. Тонгда уйғонганда қарасак, хасак деган қонхўр ҳашарот аъзои баданимизни еб, гўштини чиқарибди. Бўларимиз бўлиб, шаҳар-паҳар айланмай, бир юк машинасига ўтириб, Гриш, Фарро, Кофиристон йўли билан Ҳирот сари йўл олдик. Чорсу ва Фарот деган жойларни бу дунёнинг жаҳаннами деса бўлади. Аҳолиси каллакесар, ўғри. Йилларча олдин минглаб тожик, ўзбек, қирғиз, қозоқ, туркман — ватандош муҳожирлар бу томонларга Амударё бўйидан пиёда ҳайдаб келтирилиб, сургун қилинган. Назоратчиларнинг гапига қараганда, юзтадан саксон муҳожир очлик, сувсизлик, қийинчиликдан ўлиб кетган экан. Афғон маъмурлари деҳқончиликдан хабардор муҳожирларни қулдай ишлатиб, бу ерларни обод қилишмоқчи бўлишган. Аммо ерли халқнинг жаҳолати ва зулмига дош беролмай қолганлари ҳам, қочиб кетганлари ҳам дунёдан ўтишган. Аммо аёллар маҳаллий эркаклар билан ватан тутиб, афғонлашиб кетишган.

Бозорга кираверишда даға сифат бир кишига дуч келдик. Башанг кийинган, покизагина бир йигит. “Номим Бобур”деганда оғзим очилиб қолди, Исломжон носвой шошиб, носини ютиб юбордиёв. Бобур дарий тилда“ғилжай афғонлариданман, аммо асли насабим турк” деганда яна бир бор шошиб қолдим. Бирор хуфия бўлса керак, деган гумонда бироз ҳушёр тортдим.
— Бу ерда гўристонлар бор. Кўпчилиги аёлларники, сиз томондан келганлар.

Сўнг мақтангандай: “Рафиқам татар”, — дея табассум қилди.
— Домод экансиз-ку, — дедим суюниб.
— Ҳа. Шунинг учун бизга меҳмон бўласизлар.
— Кимлигимизни сўрамайсизми? — деди Исломжон носвой.
— Кимлигингиз юзларингиздан маълум-ку.

Мезбон астойдил илтифот қиларди. Буни ҳам Худонинг бир инояти билиб, мезбон ортидан эргашдик.

Айвонли уй. Гўё Фарғона ҳовлиси дейсиз. Шинам, озода. Рўмол ўраган рафиқаси биздан қочмай, ҳол-аҳвол сўраб, кўзига ёш олди. Татарча лаҳжаси ғоят заиф. Сургун йиллари саккиз ёшларида бу ерларга келиб қолиб, ота-онасидан етим қолганда Бобурнинг отаси раҳми келиб, қаноти остига олган ва кейинчалик ўғлига никоҳлаб қўйган экан.

Бобур рафиқасига:“Нега йиғлайсан? Менинг ҳамюртларимга шикоят қилмоқчимисан?” дея ҳазиллашди. Анчадан бери соғинганим водийча оҳангдан танимга бир ҳаловат югургандай бўлди. Чунки дағаларда бунақа ҳазилнамо гаплар йўқ ҳисоби.“Ростдан ҳам томирида турк қони бор экан”, деган ўй кечди кўнглимдан.

Таомлар афғонча. Покиза. Тамаддидан кейин қўл ювмоқчи бўлиб, рухсат сўраганимда ҳовли бурчагидаги ҳаммомни кўрсатишди. Мазза қилиб ювиниб, покланиб олдик. Қазо намозларининг адосида улуғ тангримга шукр, жинсимиздан бўлган уй эгаларию ўлиб кетган мазлумлар ҳақига дуо қилиб, кўз ёши тўкдик. Кечаси айвонда, покиза кўрпалар остида ухладик. Эртаси бомдод миннатдорчилик эвазига нимадир қилмоқчи бўлиб, бир нарсанинг тайинини тополмай, охири пул чиқариб бермоқчи эдик, Бобуржон ранжиб: “Дурагаймисиз?” – дея бизни уялтирди.
— Нотўғри фаҳмладингиз, Бобуржон, — дедим ўзим ҳам хижолатда, — бу пул меҳмоннавозлигингиз эвазига эмас, балки харажат учун. Сизларга эсдалик учун бир туркистонча палов пиширишни ўргатсам, девдим, холос. Хафа бўлишингиз ўринсиз.

Бобуржоннинг юзи бирдан ёришди. Исломжон носвой ҳазиллашиб: “Илтимос, поччангизни ранжитманг”, — дея кўз пилдиратди. Шу билан беш кишилик палов учун рўйхат қилиб, пулни Бобуржоннинг қўлига мажбуран тутқаздим. Бобур ичкари хонага кириб, рафиқаси билан келишиб чиқди. Сўнг дудуқланган тарзда :“Исми шарифингиз?”— дея сўради.
— Исмим Ориф...
— Ҳа, Ориф бўлсангиз, “шап-шап” демай шафтоли” дейишингиз керак-ку, ахир,— деди илтифот билан.
— Хўш?
— Агар маъқул кўрсангиз, кечқурунга қариндошларни, туркистонлик биродарларни ҳам таклиф қилсак ...
— Неча киши? – дедим у ҳали сўзини тугатмай.
— Кўпи билан ўн беш-ўн олти киши.
— Ундай бўлса, рўйхатдаги майда-чуйдаларни уч баробар оласиз.

У“бажонидил”, дея халта-хулта олиб, бозорга жўнади. Мендан ҳам оми ва содда бўлган Исломжон носвой тўнғиллагандай бир нарсалар демоқчи бўлар, аммо гапи бўғзига тиқилиб, кўзларини пирпиратишдан нарига ўтмасди.
— Дўстим,— дедим унга ва ўзимга ҳам таскин берувчи сўзларни излаб. — Аҳволингизни ҳис қилиб турибман. Парвардигор қудратига қойил бўлмай илож қанча? Денгиз остидан марварид топиш қанча қийин бўлса, бу кенг оламда бир жонкуяр дўст топиш ҳам шунақа. Бу Худойимнинг инояти эмасми, нима дейсиз?

“Носвой” ҳам бошини лиқиллатиб, кўзига ёш олди. Бобуржон қайтгач, биргалашиб ошга тайёргарликни бошладик. Бобурнинг рафиқаси Марямхон беш қадоқ катталикдаги чўян қозон олиб келди. Унинг сўзига қараганда, бу қозон Қозон шаҳридан, ота-онасидан ёдгорлик бўлиб, Қурбон ҳайитларида калла пишириш ва бошқа пайтда кирга сув иситишда ишлатилар экан. Худо ишнинг ўнгидан келтирганига суюниб,“бисмиллоҳ” деб ишни бошладим.

Бобуржоннинг сўзича, бу мавсумда сабзи анқонинг уруғига тенг. Аммо бир таниши воқеани эшитгач, ошдан татиб кўриш шарти билан тупроққа кўмиб қўйганидан уч қадоқча сабзи топиб берибди. Кулдим. Марямхонга палов дамлаш усулини қўлдан келганича ўргатиб, пешиндан кейин меҳмонларни кутдик. Меҳмонлар бирин-кетин келиб бўлишгач, айвонга дастурхон ёзиб, қўлбола ошимизни олтита сопол лаганга сузиб, дастурхонга тортдик. Айрон, қатиқ бор. “Носвой” иккаламиз чойни афзал кўрдик. Ҳаво иссиқ. Меҳмонлар паловни бизга ўхшаб ошамоқчи бўлишар, аммо удда қилолмай, бир-бировларига кўз ташлаб, кулишарди. Охири, қора ундан қилинган юпқага ўраб, ошай бошлашди. Баъзилари ҳовучлаб егани ҳолда хурсанд бўлиб, миннатдорчилик изҳор қилишарди.

Кексаларнинг сўзига қараганда, ўлтирганларнинг барчалари ҳам бир замонлари Фарғона томонлардан мажбуран ҳайдаб келтирилганларнинг болалари экан. “Уруғ”лари айниб, шу аҳволга тушиб қолишган. Лекин гоҳ-гоҳ қондаги қадимийлик хуруж қилиб, ўз ҳолларини ўзлари тушунолмай, нимадандир кўнгиллари тўлмай, ҳардамхаёл юришар экан. Ичларидан ўрта ёшлироғи: “шу кунларда бир ўзбакни ушлаб қамашганмиш, қўл-оёғи, бўйнига занжир уриб, кишанлаб, зиндон қилишганмиш”, — деб қолди. Бу сўз “Носвой” иккаламизни ҳам ташвишга солди. Чунки Кобулдаги вазият нозик, бир оз чўчидим, десам ёлғон бўлади. Бориб, йўқлаб қўйишни истаганимизда ўтирганлар бараварига: “Жинни бўлдингизми, сизларни ҳам ушлаб, қамоққа тиқишсинми?”— дея эътироз қилишди. Тўғриси, раҳмимиз келса ҳам “эркакликнинг ўндан тўққизи қочмоқ” деган номардона нақлга риоя қилишдан ўзга чорамиз қолмади. Чунки ўша киши “Ватанпарвар” ташкилоти ёки олмонлар билан иш олиб борувчилардан бўлиб чиқиши мумкин эди. Шундан кейин мезбонлар: “Хабар олганимизда сизлардан ҳам салом айтиб қўямиз”,— дея ваъда беришиб, шу билан бу мавзуга нуқта қўйишди. Начора, ҳар каллага бир тақдир битилган бўлса, кўрмай илож қанча? Ўша қардошимиз ҳақига дуо қилишдан бошқа бирор чорамиз йўқ эди.

Дастурхонга фотиҳа қилдик. Ватандан чиққанимиздан бери илк бор шундай хурсандликка ноил қилган, ҳузурли дақиқалар ато этган Оллоҳга шукрлар айтдик. Бу дили пок, қадршунос инсонлар суҳбати неча замонлардан бери чўкиб ётган кўнглимизга биҳишт саболарини, бўйларини олиб кирди. Худойимнинг инсонларни миллат ва элатларга нима учун ажратганлигининг маъносига тушунгандек бўлдим. Наҳотки, инсонлар миллий қадриятни, ўзаро миллий муҳаббатни англашлари учун ҳар бири биз каби азобларни бошларидан кечиришлари кераклигини тушунолмай ўксидим. Инсон зоти асли бир отанинг боласи бўлишидан ташқари, улар орасидаги жигарчилик муносабатлари ҳам ғоят нозик ва илоҳий туйғу эканлигини Бобуржоннинг оиласи ва меҳмонлари даврасида юрак-юракдан ҳис қилдим.

Эртаси бомдод пайти мезбонлар бизни йўловчилар саройига элтиб қўядиган бўлишди. Уйдан чиқар эканмиз, Марямхон бир яқинидан айрилиб қолаётгандек дамба-дам кўз ёшларини артарди. Мен ҳам йиғлаб юбордим. Белимдаги қинли чуст пичоқчасини олиб, эсдалик учун қолдирдим. “Яна кўришгаймиз”,— деган орзу билан айрилишдик.

* * *

Йўл азоби – гўр азобини торта-торта Ҳиротга ҳам келиб тушдик. Кўпдан буён бир нарсага қизиқиб юрардим. Хиротдаги тарихий обидалар ва Каррух қишлоғидаги Худоёрхоннинг мозорини кўриб, зиёрат қилиш насиб бўлди. Афсуски, аждодларимизга қарашли тарихий обидалар атайлаб вайрон қилинган. Юракларимиз эзилди.

Табиий бўёқлар билан ранг берилган чинни кошинлар, музайян иморат ва бино деворлари йўл текислаш баҳонасида барбод қилинган. Тарихий мозор ва ёдгорликларнинг аҳволига йиғлаб, фотиҳа қилишдан бошқа чора йўқ.

Худоёрхон қабри ҳақида бир-бирига зид ривоятлар бор. Шундай бўлса-да, ким ётганлигига қарамай, исломий қоидаларга кўра, эътиқод билан дуои фотиҳа адо қилдик. Жойлари жаннатда бўлсин. Ҳиротда ўн беш кун қолиб кетдик. Ҳужжат йўқ, иш йўқ, заифлаб қолган бисотимизга эҳтиётроқ бўлиб юрибмиз. Бир амаллаб Эрон тупроқларига ўтиб олсак, у ёғига худо меҳрибон деган умид билан чегарага етиб бордик. Аммо расмий Исломқалъа дарвозасидан ўтиш қийинга ўхшади. Тўғриси, сарҳаддан чеккароқ сўқмоқ йўллар орқали, ерли йўлбошчилар ёрдамида ўтиб олдик.

Эрон заминига ўтиб, ушланиб қолганда “ҳужжатларимни йўқотдим”деган баҳоналар қилишар экан. Тасодифан, Эронда яшовчи туркман қардош дуч келиб, чойхонада бир соатча суҳбатлашдик. Отаси даға афғон, онаси эрон туркманларидан экан. Ўзбекча тандир нон ёпувчи новвой, палов пиширувчи пазанда керак, деганда суюниб кетдим.

Кўрнинг элаги бир кўз, худо берди икки кўз, деганларидай, иш ўнгидан келадиганга ўхшарди. Агар охири вой чиқиб қолмаса, ҳозирча ишнинг бориши яхши. Танишимиз: “Пулингиз бўлса, чораси бор”,— деди кўзи остидан синчков маъноли қараб.
— Модомики, сиз, пулдор экансиз тўлаб туринг, биз ишлаб сизга қайтарайлик, — дедим.
— Мен пулимга майда-чуйда харид қилиб қўйдим. Бўлганда бажонидил эди,— деди овозининг ярмини ичига ютиб.
— Хўш, қанча керак бўларкан?
— Бориб, чегара соқчиси билан келишиб келиш керак. Сизларда қанча бор?

Иккаламиз гаплашиб қўйгандай ярим пулимизни олиб, ўртага тўкдик. У эса кўзлари олайганича дарров ҳаракатга тушди.
— Пул сизда тура турсин, мен ҳозир соқчи билан гаплашиб келаман.

Беш юз-олти юз қадамча жойдаги соқчи ҳузурига ғизиллаб бориб қайтди ва “Бу пул оз, аммо яхшиликка бўлсин. Қолганини ўзим тўлаб қўярман”,— дея пулни чўнтакка уриб, йўлга бошлади. Саккиз юз қадамча афғон чегарасидан юриб, дарахтлар орасига кириб кетдик. Яна бир оз юргач, бугунда Эрон, Хуросон аталмиш заминга қадам қўйдик. Олдимизда кўриниб турган қишлоққа икки юз қадамча қолгач, йўл бошловчимиз,“Сизлар бораверинглар, мен ҳозир келаман”, дея ортига қайтди. Биз миннатдорчилик билан қишлоққа кираверишда кутиб туришимизни айтдик. Худонинг марҳаматини кўрингки, ҳар тарафи қип-қизил қумдан иборат бу ўлканинг халқи озод ва ҳур. Жаннатий ватанга эга, бизлар эса залил ва хормиз. Дилимиз маҳзун, бошимиз эгик, қишлоқ томон юрдик.

Қишлоқ бизни бегона ва ғариб билиб, акиллаган итлари ва бадбашара турқлари билан қаршилагандек туюлди. Хавотир ила харобликда биздан қолишмайдиган бир чойхонага кирдик. Салом бериб, чой сўрадик. Чойхоначи:“Чой йўқ, айрон бор”,— деди майин, аммо миннатли оҳангда. Терлаб туриб совуқ ичиш зарарлигидан айронга раҳмат айтиб,“ҳамроҳимиз келгунича дам олиб турсак бўладими?” дея илтимос қилдик, чойхоначи худди ёнимизда юргандай бошимиздан ўтган воқеаларни бир-бир ҳикоя қилиб, сўзи охирида маслаҳат берган бўлди:
— Энди уни кутиб овора бўлманглар. Чунки у бу ерларга келолмайди. У ҳам бир қочоқ афғон фуқароси. Иши алдоқчилик. Яхшиси, сизлар мелиса келмасидан олдин нариги қишлоққа етиб олинг-лар. Ўша ердан йўловчи машиналарга миниб, бир амаллаб Теҳронга етиб олсангизлар, катта шаҳар, кун кўриб кетишларингиз мумкин.

Ўзича яхшилик қилмоқчи бўлган чойхоначи бир зум тикилиб туриб,“Шиамисизлар?” деб сўради ачинган тарзда. Индамадик. Дилимда эса,“Шиамасман, ўзбекман”, — дердим хўрликдан юракларим пора-пора бўлиб. Лекин ким бўлсак ҳам бир ожиз муҳожир, қочоқ эдик. Бу сафар буғдой экиб, арпа ўришни қўятуринг, чўнтакдаги арпани ҳам икки қўллаб тариққа алмаштиргандик. Демак, йўлбошловчимиз биз берган пулни ўзича ҳалоллаган экан. Аммо соғу саломатлигимизга, чегарадан ўтиб олганимизга шукр қилдик. Иккинчидан, бор пулимизнинг ярмига чув тушган эсак ҳам биз ҳеч кимни алдамаганимиздан руҳимизда бир енгиллик пайдо бўлган эди. Ҳеч қачон бировни алдамай, тиланмай, ўзи муҳтож бўлгани ҳолда сўнгги чақаларини ҳам садақа қилувчи ҳақиқий туркистонлик аждодлар руҳига раҳматлар тиладик. Ўзимиз ҳам ана шундай зотлардан эканимиз дилимизни фахрга, кўзимизни ёшга тўлдирди. Йўлбошловчининг келмаслигига кўзимиз етгани ҳолда, ваъдага хилоф бўлмаслиги учун яна икки соатча кутдик. Чойхоначи кўз остидан,“Аҳмоқ экансиз-ку!” дегандек масхаромуз қарарди. Шу алпозда, агар айронидан ичмасак, қувиб юбориши аниқ. Айронидан олиб келишини сўрадик. Чойхоначи лаби синиқ икки сопол, сирли пиёла ва кўзачани олиб келиб олдимизга қўйди. Пиёла, менимча, балки тутилгандан бери ювилмаган. Кўнгил тортмаса ҳам мажбуран айрон билан чайиб ташлаб, бир пиёладан ичган бўлдик. Раҳмат айтиб, йўл-йўриқ сўраб, кейин “ё худо” деб йўлга тушдик...

* * *

Юриб-юриб, бироз покизароқ, Хуросон минтақасига қарашли бир қишлоққа келдик. Аҳоли орасида туркман, ўзбеклар ҳам бор. Тасодифан Мозори Шарифлик Худойберди (гиламфуруш)ни кўриб суюниб кетдим. Аммо дилимга бир қўрқув тушди. “Мозордаги воқеалардан хабари бўлса-чи? Бунинг сўзларидан нам олиб, ҳамроҳим “носвой” билиб қолса-чи?”

Таваккал салом бериб, қўлини ушладим. Ҳамроҳим билан мени кўриб қувониб кетди. Чунки у ҳам биз каби ёлғиз ва ғариб, олдиндаги сафар устида ўйланиб турган экан. Бир чойхонага кириб, бир бардоқдан чой ичиб ўтириб, маслаҳатлашдик. Унинг сўзига қараганда Теҳрон томонларда “ушла-ушла!!” авжига чиққан. Шунинг учун аввал Ҳиндистонга ўтиб, Бомбей ва Карочи, ундан Арабистонга, кейин Туркияга ўтиш осонроқ эмиш. Аммо йўл йироқ, пулимиз кам. Ўзи баъзи ишлари учун Кўҳта шаҳрига бормоқчи экан.

“Носвой”га вазиятни уқтирдим. Ҳиндистонда нотинчлик. Йўлни Теҳрон тарафга ўзгартирдик. Мозори шарифлик қондош билан хайр-лашиб, йўлга чиқдик. Оқшом пайти эди, бир машина йўловчи қидириб биз турган жойга келиб қолди. Ҳайдовчиси озарий йигит экан, масалани кўндаланг қўйди:
— Парво қилманглар, сизларни соғу саломат олиб бориб қўяман. Хўп десангиз, иш ҳам топиб бераман. Аммо шартим бор. Иккалангиз тўрт кишилик пул тўлайсизлар.

Ўйланиб ўтирмасданоқ таклифни қабул қилдик. Тугунчалар қўлимизда, ҳайдовчи ёнига жойлашиб олдик.

Машинамиз уч-тўрт жойда бузилиб, уч-тўрт кун йўлда қолиб кетдик. У ёқ-бу ёқдан гаплашиб ўтириб, манзилга анча яқинлашиб қолдик.
— Туркистонликмисизлар? — қизиқди йигит лаҳжамизга эътибор бериб.
— Топдингиз, ўзбекмиз, — дедик бараварига.

Ҳайдовчи юз-кўзимиздан ўпиб, бошқатдан кўришаркан:“турк туркнинг қардоши, маниям, озарниям”, — деди озарчалаб. Ва яна ҳам яқинлик кўрсатиб, гурунглашиб кетдик. Беш кун деганда Табриз шаҳрига етиб келдик. Қардошимиз озарилар маҳалласида Мустафо деган чойхоначи билан таништириб қўйди. Раҳмат айтиб, йўл пулини бермоқчи эдик, “Худога омонат бўлинглар, ишларингиз ўнгидан келсин, жоним, қардошим!”— дея бизни ҳайрон қолдирганча, кўзига ёш олиб хайрлашди.

Бир қондошнинг лутфига лойиқлик ҳам саодат экан. Қувониб, ўзбек бўлиб яратилганимизга шукр қилдик. Бу ердаги “миш-миш”ларга қараганда подшога қарши бир ҳаракат сабабли “ушла-ушла” авжига чиққанмиш. Шубҳали, ҳужжатсиз кишиларни ушлаб, номаълум бир жойга юборишаётган эмиш. Шу сабабли, ҳатто бозор айланишга қўрқиб, биз ҳам иш жойимизда меҳнат билан оввора бўлиб қолдик. Эрондаги тарихий обида ва диний зиёратгоҳларни айланиш орзусида эдик, афсуски, муяссар бўлолмадик.

Биз тушган ошхона эгасига пазанда керак экан. Ишимиз юришиб кетди. Хўжайин ҳам хурсанд, биз ҳам. Эронча ва озарча таомларни тез ўрганиб олиб, ҳунаримизни бойитдик. Хўжайин тўғрисўз, ширинсухан, туркпараст киши экан. Шунинг тавсияси билан иш жойимизга яқин бир ҳовлидан икки хона ижара тутиб, озода, покиза яшай бошладик. Киримизни олтмиш ёшлардаги бир кампир ювиб, хонамизни ҳам супуриб қўярди. Қаршилашиб қолганда, баъзан беш-ўн танга бериб, хурсанд қилардик. Шу тариқа Табризда уч йилча қолиб кетдик.

Йигитлик чоғимиз, нафс деган жонивор мени безовта қилмаса ҳам Исломжон носвой жуда қийналиб, нуқул:“Ҳаромга юришнинг гуноҳ азобидан кўра, домламнинг насиҳатларига амал қилмаслик азоби кучлироқдир”, дея бот-бот такрорларди. Бир куни онамиз ўрнидаги хизматчи аёл озари тилда насиҳат қилиб қолди:
— Агар шу ерларда қолмоқчи бўлсангиз маъқул бир қиз топиб, уйланиб, бола-чақалик бўлингиз. Акс ҳолда ёшларингиз бир жойга боргач, қийналиб қоласиз.

Мен Ватан илинжидан ноумид эмаслигимни сўзлаб, меҳрибончилиги учун“раҳмат” дедим.
— Ундай бўлса, — деди у. — Бу ерда, форсий халқ орасида шаръан сийға усули бор. Вақтинча никоҳлаб, ҳалол йўл билан хотин олсангиз бўлади.

Мен шартта рад жавобини бердим. Аммо Исломжон носвойга бу гап жуда маъқул тушди. Хўжайин кулиб :
— Ҳа, пул кўпайиб қолдими? — дея ҳазиллашди.

“Пули кўпайган — хотин, банги — кўкнор олади”, — деган нақл юраркан бу ерларда. Исломжон носвой бир ой ичида ўзига тенг бир бевани никоҳлаб олиб, ўзи билан ўзи бўлиб кетди. Орадан олти ойча ўтгач, Туркияга кетмоқчи эканлигимни дўстимга билдириб, жавоб кутдим. У киши ҳаётидан мамнун, рафиқаси ҳомиладор, юкли эканини айтиб, узр сўради. Хўжайинга очилдим.
— Анчагина пулинг тўпланиб қолди, — деди у астойдил, — Аммо, ҳужжат масаласи бор, чегарадан ўтишингиз хавфли. Лекин бунинг йўлини биладиганлар ҳам топилади.

Ўз фикридан ўзи хурсанд хўжайин эртасига даға губсакни чақирди, биргаликда гаплашдик. Узун бўйли, серсоқол, бадбуруш киши хўжайинга қараб деди:
— Пули борми?

Мустафо сал аччиғи келиб, бош ирғади:
— Хотиржам бўл. Ўртада ман борман.
— Беш инглиз олтини берса, чегарадан ўтказиб қўяман. Аммо ўн олтин берса, Карочига олиб бориб қўяман. Шарти шуки, йўл пулини ўзи тўлайди. Иккинчи шартим, Эрон чегарасидан чиқиб олгунча рафиқамнинг эски афғонча кийимини кийиб олади. Учинчиси, мен сўрамагунимча чурқ этмайди. Тўртинчиси, ҳаққимни олдиндан тўлайди.

30 та олтин пулим бор эди.
— Майли, — дедим ўйлаб ўтирмасдан. Ўша куниёқ хўжайиндан пулни олиб, 10 олтин миқдорида риёл тўлаб, дағани хурсанд қилдим. Туз-намак бўлган юртдошим Исломжон носвой билан хайрлашиб, ҳалоллик, омонлик тилаб, Гулзай билан бир саройга бордик. Хонада алвасти келбат бир хотинга Гулзай дағачалаб, бир нарсалар деганди, аёл севинганидан бир эски, қора узун кўйлак, бир кир оқ лозим, илвиллаб кетган бир дока рўмол олиб чиқди. Дағанинг ишорати билан уст-бошимни чиқариб, сассиқ даға қиёфасини ки-йиш билан аъзойи баданим жимирлаб, бир нарсалар чақа бошлади.“Ўла, жинни”, дейдиган одам йўқ.

Гоҳ кулиб, гоҳ кўз ёши қилиб, даға кийимида, майда қадам ташлаб, йўловчи кутиб турган усти очиқ машинанинг ҳайдовчиси ёнига ўтириб олдим. Йўллар деярли равон. Уч кеча йўл босиб, Зоҳидон деган чегара шаҳарчасидан Ҳиндистонга ўтиб олдим.

Хаёлим бир неча йил аввал Туркман оға айтган сўзга кўчди. Чунки ўшанда ҳозирга ўхшаб,“даға аёл” бўлишга кўнганимда аллақачон манзилимга етиб олган бўлардим. Аҳволимга гоҳ куламан, гоҳ йиғлайман. Нима қилишимни билмайман. Чегарачиларнинг кўпчилиги даға Гулзайни таниб, баъзилари эса хотини хаёл қилиб, менга ҳам яхши сўзлар эдилар. Узунқулоқ гапларга қараганда, дағаларнинг барчаси ё қорадори сотар, ё одам олиб қочар экан. Ҳинд чегарасидаги Миржаво шаҳарчаси аҳлининг ночор ҳолини кўриб, беихтиёр обод ва озод Ватаним эсга тушиб, оғир хўрсиндим. Шунча кўрганим нохуш манзаралар ҳолва экан ҳали.

Одамларнинг қумурсқадай кўплигини кўриб, эсхонангиз чиқиб кетади. Чегарадан эсон-омон ўтиб олгач, ўзимнинг усти-бошимни кийиб олдим. Аммо, эркакнинг хотинга ўхшаб юриш азобини мендан сўранг. Бунинг устига “эрингиз” даға Гулзай бўлса! Хотинининг жийиб кетган усти бошини Гулзайга берганимда, у қора кўйлакни ҳидлаб, бағрига босди.

Кўчаларда минглаб одамларнинг узаниб ётиши одамзотнинг қанчалик қадрсизлигини атайлаб намойиш қилгандай. Катта-кичик ана шундай шаҳару шаҳарчалардан ўтиб, саккиз кун деганда Карочига етиб келдик. Гулзай хайрлашиб, изига қайтди. Йиллар Эронда бўлиб, зиёратгоҳларни кўролмаганимдан афсусда эдим. Шунинг учун бўхчамни қучоқлаб, пулни белимга тугиб, Карочи шаҳрини айланиб чиқмоқчи бўлдим. Аммо хиёл ўтмаёқ, фикримдан воз кечдим. Чунки неча миллион аҳоли яшайдиган бу шаҳри азимдаги халқнинг аҳволию муҳитнинг ифлослигини кўриб, кўнгил айниб кетаверди. Кўчанинг бу томони шундай. Нариги томонда эса қават-қават чиройли бинолар, покиза магазинлар. Яна хаёлим аждодлар хотирасига кўчди. Улар бизга мерос қилиб жаннат Ватанни ташлаб кетишди. Аммо биз уни эплолмадик. Бугун харитада толе қуши қўнган Покистон номли бир ҳур давлат кўринади. Биласизми, бу халқ кимнинг меросхўри?

Бобуршоҳнинг меросхўри... Фалакнинг кажрафторлигига қаранг... Бир соя жойда оғриган оёғимни уқалаб турганимда, узоқдан қора-қура халойиқ орасидан қотма, ўзбекбашара бир барваста кишини кўриб қолдим. Ўзимдамасман.

– Амаки! – дея қичқирдим ва унга томон югурдим. У кўпни кўрган синовчан кўзлари билан бир зум боқиб турди-да,“Сиз Фарғона водийсидансиз-а. На қилиб юрибсиз?” – деди ва қучоқлашиб кўришди. Асли-насли самарқандлик экан.

Икки юртдош кўзёши тўкиб, ҳўнграб йиғлардик. Бирдан ўзимизга келиб, атрофга кўз ташласам, тўпланганлар раҳмдиллик билан дардимизни сўраб, баъзилари:“пулни киссавурга урдирибди”, айримлари“боласини йўқотибди”, яна бошқалари“нонини йўқотиб қўйибди” каби хаёлларга бориб афсусланишарди. Янги юртдошимнинг исми шарифлари Ҳожи Шамсуддин бўлиб, ўзлари Бомбейда турар, ҳожатбарорлик бир иш билан бир ҳафтага бу ерга келган экан.

Бобурни ва урду тилини жуда яхши биларкан. Оппоқ соқолли, нуроний бир чол ёрдам бермоқчи бўлиб:

– Нима йўқотдингиз, қимматбаҳо нарсами? – деб сўраб қолди. Дарвоқе, покистонликлар жуда раҳмдил, инсофли келар экан. Ҳожи Шамсуддин ака чолга жавобан:
— Ҳа, жондан азиз нарсамизни йўқотдик. — деди урдучалаб. Чол:
— Нима экан, жондан азиз нарса? — дея таажжубланди. Шунда Ҳожи ака кўзига ёш олиб туриб, дона-дона қилиб дедилар:
— Ватанимизни йўқотдик. Жондан азиз бойлигимиздан ажраб қолдик. Бухоро, Самарқанддан ажраб қолдик.

Буни эшитиб, тўпланганлардан бир талайи йиғлаб юборди. Уларга қўшилиб, биз ҳам ҳўнграб йиғладик. Салдан кейин, ҳожи акадан уларнинг йиғиси сабабини сўрадим. У киши:“Улар ҳам беватан. Чунки киндик қони тўкилган тупроқларини мажбуран тарк қилишган. У жойлар ҳозир Ҳиндистон, ҳинду-мажусийлар қўлида. Булар эса мусулмон бўлгани учун ҳайдалганлар”, – деди. Шундай бўлсаям ишорат билан биттасидан сўрадим:
— Нима бўлди? Сиз нега йиғлайсиз?

У мени қучиб, Шамсуддин аканинг қўлини ушлаб, баттар ҳўнграб юборди. Шунда икки қўлимни очиб, Худога илтижо қилдим:
— Итни ҳам ўз Ватанидан жудо қилма, Оллоҳим!

Ҳамма ўзи билан ўзи бўлиб, йиғи-сиғи ичида, биз ҳам аста у ердан узоқлашдик. Эртаси эрталаб Ҳожи ака икки кишилик ғаройиб рикша аравасига ўтқазиб, мени соя-салқин бир жойга, уч-тўрт хоналик бинога олиб борди. Атрофи девор билан ўралган. Бир томонда тандир, ўчоқдаги чўян қозон бошида қорачадан келган, кексароқ бир киши ош сузарди.

Саломлашиб, ичкарига кириб кетдик. Кенггина хона. Тўғрида буғдойранг, ўрта бўйли бир киши бизни кўриб, ўрнидан қўзғалди.

“Хуш келдингиз” маъносида қўл қовуштириб, тўрга ўтқазди. Ҳожи ака:
— Булар Орифжон, янги келибдилар, — деди. Хонадаги киши қўл бериб сўрашиб, яқинлик кўрсатди.
— Мўминжон, — деб ўзини таништирди у. Кўзларим порлаб, гўё ярим Ватанни топиб олгандай суюниб кетдим. Фотиҳадан сўнг:
— Сиз бафуржа дам олинг. Икки соатдан кейин мажлисимиз бор. Уйғотамиз, — дея илтифот кўрсатди.

Шамоллаб келай деб турдим-да, ташқари чиқиб, ҳожатхонами, деб бир эшикни очсам, тўғрида бир ҳайкал турибди. Чўчиб тушдим. Ўзимча, ўзбеклардан ҳам бутпараст чиқар экан-да, — дея таажжубландим. Кетимдан Мўминжон ака“ҳо-ҳо” лаб етиб келиб изоҳ берди:
— Ҳожатхона наригиси. Бу ҳовли ҳиндулар бутхонаси экан. Покистонликлар бу жойдаги бутни шундайлигича сақлаш шарти билан вақтинча туркистонликлар жамиятига топширган. Қулфлашнинг кераги йўқ. Чунки майда-чуйдаларимизни шу ерга қўямиз.

Қайтиб келиб, узандим-да, пинакка кетдим.

Уйғонганимда дарахт остидаги сўри устида 8-10 киши суҳбатлашиб ўтиришарди. Қўл-бетимни ювиб келиб, даврага йўналиб салом бердим. Ҳаммалари бир-бир жойларидан қўзғалишиб, қўл беришиб, кексалари эса қучоқлашиб, кўзлари аламли ёшланиб, ҳол-аҳвол сўрашди. Дуои-фотиҳадан кейин Мўминжон ака мажлисни очаркан, менга қараб яна бир бор“хуш келдингиз” дея сўз бошлади.
— Азиз юрдошларим! Ҳамида опанинг қизлари Шоҳсанам жиянимизнинг хасталигидан хабардормиз. Аммо янги меҳмон билиб қўйиши учун қисқача маълумот бериб ўтишни маъқул кўрдим. Шундай дея менга қараб қўйди. – Жияним, Покистонда яшовчи биз туркистонликлар бир-биримиздан хабардор бўлиб туришга мажбурмиз. Ночорларимизга баҳоли қудрат ёрдам бериб келмоқдамиз. Уч ой бурун Ҳамида опанинг хўжайинлари қазо қилган эдилар. Марҳум сахий киши эдилар. Ҳамма маросимлари ўтди. Аммо афсуски, дўхтурлик мактабида ўқиб юрган 18 ёшдаги карималари Нодирахон тўсатдан хасталаниб ётиб қолдилар. Дўхтурларнинг сўзига қараганда, юраклари хаста экан. Бугунгача яшаб юришларининг ўзи мўъжиза экан. Аммо бундан кейин зудлик билан даволанмаса хатар бор. Энг кечи билан олти ой ичида жарроҳлик амали керак эмиш. Ҳиндис-тонда бунинг иложи йўқ, Ландан /Лондон/га бориш керак, дейишди. Бунинг учун жуда катта маблағ керак бўлади. Тахминан 90-100 олтин. Шошиб қолдим. Бомбейдаги юртдошларга мурожаат қилдим. Кишовудан 10, Пиндидан 25, Бомбейдан 30. Карочидан 15 — жами 80 олтинимиз бор. Яна камида ўн беш-йигирма олтин керак бўлади. Хўрсинди. Тандирда нон ёпиб турган хушрўйгина, оқ юзли йигит даврага қарата:
— Кўрдингизми?— деди қандайдир тўлқинланиб.
— Ҳа, — деди Мўминжон, — мамнуният билан.— Икки бой йўл харажатини тўлашга сўз беришди.

Ўтирганлар бошларини қуйи солиб, индамай қолишди. Мен ўзимча ҳолимни чўтга солдим. Бир нарса берай десам, сафар узун. Бермай десам, виждоним қабул қилмайди. Эрта-кеч менинг ҳам бошимга шу кулфат тушиб қолиши мумкин-ку. Шартта ҳамёнимни қўлга олдим-да, ундан ялтираб турган ўнта олтинни олиб ўртага ташладим.

Ҳамма жойидан бир-бир туриб келиб, мени қучиб табриклашди.

* * *

Икки ҳафтача шу ерда эъзозу икромда бўлдим. Бу орада менинг бўйдоқлигим барчага аён бўлганди. Ҳунаримни сўрашди. Пазандалигимни синамоқчи бўлгандай ош дамлаттириб кўришди. Жума зиёфатидан кейин ошпаз Ҳожимат ака бир сўз айтиб қолди. Бобуршоҳ эвараларидан бўлган кекса эр-хотин шаҳар ташқарисидаги боғда ёлғиз яшашаркан. Кўпдан бўён битта-яримта туркистонлик пазанда қидириб, булардан илтимос қилиб келар экан. Мен айнан ўша эр-хотин қидирган одам эканимни айтиб, табриклашмоқчи бўлишди. Аммо мен Туркияга бориш ниятида эканимни билдириб, қандай бўларкан, дея иккиландим.

Мўминжон ака бу иш дарров ҳал бўла қолмаслигини, камида бир йил кутиш кераклигини айтиб, унгача бемалол ишлаб туришимни маслаҳат берди. Ўша кечаси севинчданми, чарчабми, тош қотиб ухлабман.

Бомдодга туриб, у ён-бу ёнимни қарасам, ҳамёним бор-у, ўзи бўм-бўш. Олтинлар йўқ. Шошиб, Мўминжон акага айтдим. У ҳам нима дейишга ҳайрон. Овозимизга уйғонганлар ётар жойимни тинтиб кўришди. Аммо фойдасиз.
— Осимжон Сингга қачон жўнади? — сўради Мўминжон ака.
— Икки кун бўлди, — деб аниқлик киритди яна биттаси.
— Ҳожи Шамсуддин акани Бомбейга жўнатишган куниёқ Синг томон жўнаганди, — деди яна биттаси.

Дарҳақиқат, бу одам хаста Нодирахонни Лондонга жўнатиш куни мен билан суҳбатлашган ва ўша кундан бери кўрингани йўқ эди.
— Демак, кечаси дарвоза очиқ қолиб, ташқаридан кирган уста ўғри ёки сочи узун бачча болаларнинг иши бу, — деди Мўминжон ака хафа бўлиб.

Жамоадагилар ноқулай аҳволга тушиб қолишди. Гумон қилмаслигим учун кўрпа-тўшакларинию бор-йўқларини тинтиб кўришимни талаб қилишарди. Мен жамоага ҳурматан узр сўрадим. Чунки, Мўминжон ака айтганидай, кечаси уйқу аралаш бир бегона одамни кўргандай бўлувдим. Тушимдир, деб ўйлагандим.

Ҳар нарсада бир хайр бор, албатта. Қайтанга шу баҳона бўлиб, ишга кириб олдим, шундан икки йилча қолиб кетдим. Бу орада Нодирахон ҳам соғайиб қайтди.

Мен ҳам фурсатдан фойдаланиб, Мўминжон ака маслаҳати билан Туркия элчихонасига мурожаат қилмоқчи бўлдим. Аммо у: “Олдин бошқа бир иш бор”,— деб, мени шаҳар ўртасидаги бир ҳовлига олиб борди. Ғоят чиройли, ўрта ёшдаги сипо бир аёл киши эшик очди. Ҳовлида худди аёлнинг эгизаги бир қиз: “Хуш келдингизлар”, — дея салом берди. Хонага кирдик. Ғоят покиза дастурхон ноз неъматлар билан безанган. Фотиҳадан кейин мени таништиргач, улар ёрдамим учун қайта-қайта раҳмат айтиб, миннатдорчилик изҳор қилишди. Мен уларни ҳеч кўрмагандим. Ҳатто қиз даволанишга кетаётганида ҳам кўрганим йўқ. Кейин қиз қайтадан ўзига хос назокат билан ташаккур билдириб, умр бўйи мени унутмасликка аҳд қилганлигини айтди. Ҳеч бўлмаса бир инсон ҳаётининг яхшиланишига ҳисса қўшганимдан суюндим. Қўлбола палов, чой-мевадан сўнг, фотиҳа қилиб, жамиятга қайтдик. Ҳовлида одатдагидай яна азиз юртдошлар давра қуришган. Салом бериб кирганимизда барчаси чапак чалиб, қарши олганидан ҳайрон бўлдим. Чой ичилиб, суҳбат бошланганда кимдир дудуқланиб, Ҳамида опа ва қизи Нодирахондан сўз очди. Гўё ҳамма менинг уларга ичкуёв бўлишим тарафида эмиш. Ҳалиги юртдош ниҳоят менга қараб:
— Хўш, нима дейсиз? — деди.

Мен биргина ғамим — Ватан қидириш эканини, бундан ташқари бунга на моддий, на маънавий жиҳатдан тайёр эмаслигимни тушунтирдим. Бекорга бир қизнинг ҳаққига зомин бўлишни истамаслигимни айтдим. Атрофдан луқмалар ёғила кетди:“Моддийга эҳтиёж йўқ. Ишингиз ва ҳунарингиз бор”,“Арслондай йигитсиз, диний илмингиз ҳам ўзингизга яраша. Маънан қандай қийинчилигингиз бор?”,

“Ҳам она, ҳам қайлиқ топиб олиш ҳар йигитга ҳам насиб бўлавермайди...”

Аммо мен ўзимни куёвликка лойиқ кўролмас, негадир ўзимдан шубҳам бор, иродам заиф эди. Оми Мўминжон ака сукут қилар, фикримни уққандай юзида андиша аломати сезиларди.

Кимнингдир:“Сал жадал бўлинг-да, ғам деган нарса ҳаммамизда ҳам бор. Қаерда қорнингиз тўйса, ўша Ватан-да!” — деган гапи нақ жигаримга ханжар ургандай бўлди.
— Ичингизда мендан лойиқроқ йигитчалар бор. Бу ишни менсиз ҳал қилинглар, илтимос, — дея ялиндим.

Мен таклифларини қабул қилмасам ҳам, юртдошларимнинг меҳр-оқибатидан хурсанд эдим. Мажлисга жимгина қулоқ солиб ўтирган кексароқ ёшдаги Ҳожимат ака ўзича бир нарсани билгандай, пешана жийириб туриб, бир ибратли ҳикоя билан мавзуга якун ясади:
— Орифжон яна ўйлаб кўрсин. Жавобини эрта-индин кутамиз.

Эртаси жамиятдагилар орасида Кобулдан олти-етти оила Туркияга кўчмоқчи бўлиб, мурожаат қилгани ҳақида гап тарқалди. Булар гўё ҳозиргача афғонларга алоқаси бўлмаган ва олмонлар билан туркистонликлар озодлик ташкилотига аъзо бўлиб, олмонлар мағлубиятидан сўнг қамалиб чиққанлар ва бола-чақалар эмиш. Хурсанд бўлиб кетдим. Ниятим маълум бўлгандан сўнг ҳам аввалги масалага қайтиб, оила қилиб шу ерларда қолишга даъват қилишди.

Аммо мен бошдан бери Туркияга ният қилиб қўйганимни, худо насиб қилса, бир кун фарз адоси учун у пок, муқаддас ерларни зиёрат қилажагимни сўзлаб, узр айтдим. Қатъий қарордан кейин Мўминжон ака билан биргаликда рикшага миниб, Туркия элчихонасига жўнадик.

Йўлда Мўминжон ака бироз ташвишланган бўлди:
— Ҳужжатингиз йўқ. Қандай бўларкан?
— Ҳужжатим бор, — дедим кулиб.
— Қани? — деди ҳайрон бўлиб, — Шу пайтгача оғиз очмаганингизга қойилман.
— Сиз сўрамасангиз нима деб оғиз очаман?
— Бўпти, қани?
— Мана, — дея бўйнимдаги чарм ғилофли туморни кўрсатдим. Буни ҳазил ҳаёл қилиб, деди:
— Ақлингиз жойидами ўзи, жияним? У ухравий ҳужжат фойдасиз. Дунёвий ҳужжат керак.

Шундан кейин туморни йиртишимга тўғри келди.
— Ие, қойил-э, бу қаердан чиқди?
— Мана шу ухравий тумордан.
— Безгак тумориданми? Ўзбекман дейсизу, аммо ишингиз пухта, — дея кулди Мўминжон ака.
— Ҳа, бу ҳужжат умримнинг энг катта хазинаси.

Сўз билан овора бўлиб, элчихонага борганимизни ҳам пайқамай қолибмиз.

* * *

Қоровул йўл тўсиб, рухсат бермай турганди, ичкарида, майсалар устида майда қадам ташлаб, у ёқдан-бу ёққа юриб турган узун бўйли, қорақош, хушсуврат бир одам ёнимизга келиб, кимлигимизни сўради. Қўлимдаги бир варақ қоғозни кўрсатишим билан иккаламизни етаклаб, бино ичига олиб кириб кетди. Башанг хонадаги курсилардан жой кўрсатди. Расмий уст-бошини кийиб чиқиб, қайтадан қўл бериб сўрашиб, яқинлик кўрсатди.
— Қоғоз кимники?— деди мулойимлик билан туркчалаб. — Сурат йўқ-ку.
— Меники, афандим.

Жаноб Мўминжон акага қараб“бизга бир дақиқага рухсат”, дегандай мени етаклаб, ичкарига бошлади. Қўлида қоғоз, саволларга кўмиб ташлади. Ёшим, кимлигим, қаердан келганим, нима учун Туркияга кетаётганим, саводим, Ватаним, Туркия ва Туркистон ҳақида... Меҳрим тушганидан унга бир-икки мақтов сўзлари айтдим. Албатта, чин дилдан. Сўзларимдан таъсирландими, Мўминжон акани ҳам ичкарига чақирди. Илтифот кўрсатиб: “Нимадан қийналсангиз, бемалол келаверинг”, — дея қўлига қоғоз топширди. Мен ичимдан суюндим. Чунки мендан кейингиларга йўл очилгандай кўринмоқда эди. Карочида эккан буғдойим баракали ҳосил берди, дея шукр қилдим.

Котиб йигитнинг иккаламизни дарвозагача кузатиб қўйганини кўриб, бизни тўсган қоровул ўзгача ҳурмат кўрсатди. Эртаси гердайиброқ кириб бордим. Миллий ғурур бошимни ҳам тик қилиб қўйганди.

Салом бериб ичкарига киришим биланоқ котиб қўлимга бир қоғоз тутқазиб, деди:
— Элчибек мажлисда. Манови ҳужжат билан Бағдодгача бемалол борасан. У ердаги элчихонамизга бориб, ўзингни таништириб, ҳужжатингни кўрсатсанг, янги ҳужжат тайёрлаб беришади. Поездга пул тўламай, Туркияга етиб олгач, фуқаролик олиб турк бўласан, — деди.
— Мен зотан турк ўзбегиман, афандим, — дедим ҳурмат билан.
— Қардошим, албатта, турксан. Аммо, турк фуқароси бўласан демоқчиман, — деди котиб ҳазиллашганимни пайқаб.
— Ташаккур, соғ бўлингиз, — дея ўзим билган беш-олти туркча сўзни қаторасига ишлатиб ташладим. — Элчибекка салом ва миннатдорчилигимни билдирарсиз. Эшик тагида котиб ўзининг ёқасидаги ой сувратли турк байроғи нишонини олиб, менинг ёқамга тақиб қўйди.“Раҳмат”,— дедим она тилимга ҳам навбат бериб.

Жамиятга қайтганимда ватандошлар ҳужжатни бир-бир қўлга олиб кўзларига суртишди. Хушхабарни эшитиб, хўжайин кўзига ёш олди, табриклади.

Мўминжон ака билан кемага чипта олгани бордик. Чиптачи ҳужжат сўраб қолди. Ғурур билан ҳужжатни кўрсатдим. Зарҳал ёзувли ҳужжатни кўриб, кўзи қинидан чиққудай бўлди, бошини ҳурматан ликиллатиб, чипта берди. Айни пайтдаги ғурур ва севинчимни қай қаламда қай сўз билан таърифлай? Бу масъуд дақиқаларни Ватандан йироқда, хору зорликда сарсон-саргардон юрганларгина ҳис этади, холос.

Кузатишга чиққан Карочида яшовчи азиз юртдошларим, ҳамшаҳарларим қадрини яна ҳам теранроқ туйдим. Ҳамюртларсиз муҳожирот дунёсининг бир зиндондан не фарқи бор! Мен юқорида оппоқ уст-бош кийган юртдошлар пастда бир-биримизга кўринмай қолгунимизча қўл силкишдик.

Кечки пайт бир оролчада тўхтадик. Баъзи йўловчилар кемадан тушиб, қайиқчаларга миниб, қаёққадир жўнашди. Икки кун ичида уч-тўрт оролчада тўхтаб, учинчи куни Маскад деган жойга етиб келдик.

Мен чипта оларканман, йўл кира ҳақи тўлаб, ошхона ҳақини бермаган эканман. Юртдошлар олиб чиққан нону мева, майда-чуйдалар ҳам тугаб, оч қолиш эҳтимоли кўринди. Маскадда юк тушириш учун 12 соатча тўхтаб қолдик. Нон масаласида ҳайрон бўлиб, юк олиб бораётган қоп-қора, барзанги, дудоқлари қалин, ваҳшийсифат, аммо кўзлари ичидан кулиб турган бир ҳаммолга мурожаат қилдим. Уқди шекилли, мени бир панароққа етаклаб, паст овозда: “Сен сунниймисан”,— дегандай дудуқланди.
— Алҳамдуллиллоҳ, сунний, — дедим ифтихор билан. Қора одамнинг исми Ҳаниф экан. Ҳаниф менга имо-ишоралар билан “шу ерда кутиб туришимни” тушунтирди. Чорак соатча кўздан йўқолиб, қайтиб келди. Қўйнидан оқ қоғозга ўроғлиқ нонни чиқазиб, менга тутди. Раҳмат билдириб, бир қисмини бермоқчи бўлдим. Аммо у: “Аҳу, аҳу”, — деганча узоқлашди.

Хизмати учун миннатдорчилик изҳор қилиб фотиҳага қўл очгач, у ҳам қайта ёнимга келиб, бир нарсалар дея дуо қилди. Худо бандаларини ҳар хил қилиб яратаркан. Қора одамдан кўнгли оқлар, оппоқ кишилардан кўнгли қоралар чиқаркан. Худонинг кароматига қойил бўлмай илож йўқ. Етти кун араб чегаралари бўйлаб, Бахрайн, Маскад ва яна бир мунча жойлардан ўтиб, саккизинчи кун деганда турли сувлар бирлашиб, денгизга қуйилувчи катта, кенг дарёга ёки ҳавзага етиб келдик. Икки томон, хусусан, Ироқ қирғоқлари ям-яшил, қаламдай тўғри, саноқсиз хурмо дарахтлари осмонга бўй чўзган. Эрон қирғоқларида кўпроқ нефть ишхоналарию, бинолар саф тортган. Бир жойда кемага юк ортувчи ҳаммоллардан биттасининг эгнида катта лотин ҳарфлари билан “Туркистон” деб ёзилган кийимини кўриб жуда ҳам ҳайратландим: “Воажаб! Бутун душманларимиз муқаддас Туркистон номини ўчирмоқчи бўлиб турганда бу қадршунослик фикри кимнинг ақлига келган экан-а?”

Ўйланиб турганимда инглиз байроғига кўзим тушиб қолди. Демак, ушбу манзил ҳам, “Туркистон” либосли мардикор ҳам туркистонлик бойларники эмас. Хўрсиндим. Яна ким билади дейсиз. Ўша“Туркистон” билан гаплаша олмадим. Саккизинчи куни пешиндан олдин Басрага етиб келдик. Ҳаво жаҳаннамдай ёнарди. Қоровулларнинг турқи бадбуруш. Ҳаммолларнинг бақир-чақири қулоқни қоматга келтиради. Ҳамма битта-битта тушиб, божхона томон юрмоқда. Мен ҳам эргашиб, божхоначи олдига бордим. Тугунчамдан бошқа нарсам йўқ. Қўлимдаги қоғоз-ҳужжатни кўрган божхона маъмури иккиланиброқ:
— Турк? — деди бармоғи билан нуқиб.
— Ҳа, турк, — дадил жавоб бердим, мен.
— Ҳў! — деди кўзи қинидан чиққудай бўлиб.

Афтидан тарих ўқимаганга ўхшарди. Агар ўқиганида, Ироқ тупроқларида адолат ўрнатганлар Туркистондан келган турклар эканини билган бўларди.

Мени бир хонага етаклаб, бошдан-оёқ текшириб, ғайри қонуний нарса тополмагани алам қилиб, ғижинди. Чунки пулимни ҳам тийинигача ёздиргандим. Охири мени ит қувгандай қилиб, божхонадан чиқариб юборди. Ҳайрон бўлдим. Бу барака топгурлар дағалардан ҳам ўтиб тушади-ку... Асфальт йўллар сақичдай эриб, домига тортгудай билқиллайди.

Бекатда кўп турмадим. Таксилар ғиз-ғиз ўтиб турибди. Биттасига ишора қилдим.
— Шаҳарга қанчага олиб борасан?
— Динорми?
— Йўқ, доллар.

Ёнига чақириб, қулоғимга: “Доллар мамнуъ1”, — деди. Фаҳмлаб елка қисдим. У ёқ, бу ёққа аланглаб олгач: “Хамса2 доллар”, — деди беш бармоғини кўрсатиб. Сутдан оғзи куйган қатиқни пуфлаб ичар, деганларидай, бўш келмадим:
— Бир доллар.

“Йўқол” дегандай қўлини елпиди. Орқадан бошқа такси келиб тўхтади. Афти-ангоримдан тил билмаслигимни сезиб, уч бармоғини кўрсатганича бир нарсалар деди. Мен:
— Икки доллар, — дедим. Ўйланиб туриб, рози бўлди. Демак, бу йўл икки долларлик йўл экан. Севиндим. Олиб бориб, бир раста олдига тушириб қўйди. Дўконлару тахланиб қўйилган матоларни кўриб, оғзим очилиб турувдимки, рўпарамдан қўлида бир даста алақчин дўппи кўтарган ўзбек башара одам кўриниб қолди. Қорайиб, араблашиб кетган. Аммо кўзи ва нимаси биландир ўзбеклиги сезилиб турарди.

У ҳам менга кўзи тушгач, худди кутиб олгани чиққандай: “Хуш келибсиз, ҳамюртим”, — дея қучоқ очди. Худойимга шукр қилиб, сўраша кетдик. Унинг дўппилари, менинг бўхчам одамлар оёғи остида думаларди. Ўткинчилар бизга ажабсиниб, малолланиб қарар, лабларини буриб ўтиб кетишарди. Кўз ёши десангиз, дарё. Соққа топиб олган болалардай бир йиғлаб, бир кулиб, сочилган нарсаларни йиғиб олгач: “Бир жойга бориб ўтирсак”, — деб таклиф қилдим. Аммо ҳамроҳим:“Бу шиалар масжиди, наригисига бора қолайлик”, дея ўша ёққа етаклади. Ҳайрон бўлиб юзига қарадим.
— Номим Қосимжон. Аслим Ўшдан — жалолободликман. Рафиқам кобуллик даға.

“Ўҳ”, дедим ичимда,“бу бечора зиндонда яшар экан-ку. Қиёматда тўғри жаннатга киради, Худо хоҳласа”. Навбати билан ўзимни таништирдим.

У қайта қучоқлаб, ўз достонини сўзлаб кетди. Аммо мен ўзимдамасман, гаплари бир қулоғимдан кириб, наригисидан чиқиб кетаяпти. Ёлғиз“хотиним даға” дегани қулоғимда қолган. Бир чойхонага бордик. Ҳаво ёндираяпти. Яхна сувни кўнглим тусаган. Ошнам чой чақириб, меҳмон қилмоқчи бўлди. Бирпасда араб бола стаканчада чой олиб келди. Чойнак йўқлигига ҳайрон бўлганимни кўрган Қосим ака кулимсираб деди: “Хавотирланманг, яна олиб келади”.

Булбулнинг кўз ёшидайгина совуб қолган чойни бир кўтаришда ютдим. Ҳаётимда илк бор бунақа чойхўрликка рўпара келишим. Мезбоним яна чой чақирмоқчи эди, мен унамадим. Пулни тўлагач: “Уйга борамиз”, — деб туриб олди. Чарчаганимни баҳона қилиб, мени бирор арзонроқ меҳмонхонага элтиб қўйишини сўрадим. У хафа бўлгандай, унамади. Сира кўнмаганимдан кейин бир кечаси беш долларлик меҳмонхонага олиб бориб қўйди.“Раҳмат” деб хайрлашдим. Қосим ака кета-кетгунча неча бор қайрилиб қараркан, қўл елпиб, кўзини арта-арта кўздан ғойиб бўлди.

“Э, Худо, — дедим ўз-ўзимча. — бу шаҳри азимда ҳамюртларсиз бир ўзи қандай яшаб келаяпти экан. Уйда даға рафиқасига қандай чидайди?” Айтишига қараганда, беш йилдан бери илк бор ҳамюртини, яъни мени кўриб туриши экан. Фарзанди йўқ, ёши бир жойга борган...

Ювиниб, бироз енгиллашиб, узандим. Ухламоқчи бўлувдим, ухлолмадим. Басраси жаҳаннамнинг ўзи экан. Тўлғониб, Қосимжон акани ўйлаб, гўё ойнада ўзимни кўрардим. Бомдодга яқин ухлаб қолибман. Меҳмонхоначи уйғотганда соат 10 ларга бориб қолган, ташқарида Қосим ака кутиб турарди.

Узр сўраб, қазо адосидан сўнг, тановул қилгани бозорга тушдик, кейин станцияга бориб, Бағдод поездига чипта олдик. Эртаси оқшом жўнар экан. Демак, эртагача ҳали анча вақт бор. Ҳамроҳим билан бир ошхонада мен танимаган таомлардан тамадди қилгач, вақт зое қилмай, баъзи жойларни кўрмоқчи бўлдим. Аммо Қосимжон“офтоб уриб, касал бўлиб қоласиз”, дея йўл бермади. Мажбуран меҳмонхонага бориб, чойхўрлик қилдик. У ер-бу ерларга боришдан кўра дўст суҳбати ғанимат, дедим.

Қосимжоннинг сўзига қараганда бир кечалиги 25-50, ҳатто 100 долларлик меҳмонхоналар бор экан. Саррофга бориб, 50 долларни динор қилиб олдим. Эртаси оқшом Қосимжон ака кузатгани келди, йиғидан кўзлари қизариб кетибди. Ҳамдардлик билдириб: “Юринг, Туркияга кетайлик”, — дедим. У узоқларга тикилиб туриб:“Худо хоҳласа”, — деб қўя қолди. Ажрашиш пайти келди. На ундан, на мендан садо чиқади. Жимгина қучоқлашдик. Юрагимиздан жой олган“Ватан” ҳидининг ярми унда, ярми менда, сўзсиз хайрлашдик.

Эртаси пешинга яқин Бағдодга кириб келдик. Дарҳол Туркия элчихонаси томон учдим. Бино тепасидаги ой-юлдузли байроқни кўриб, салом бердим. Дарвозабон миршабга вазиятни уқтиргач, миршаб қаергадир қўнғироқ қилди. Ичкаридан бўй-басти келишган бир йигит чиқиб, мени ичкарига етаклади. Жуда катта, чиройли безатилган саҳна тўрида 50 ёшлар чамаси бир зот эски қадрдонлардай истиқболимга юрди, қўл бериб сўрашди.“Хўш, хизмат?”, дегандай илиқ назар ташлади. Мен ҳужжатларимни чиқариб бердим. Ўқигач, бошқатдан қучоқ очиб, юз кўзимдан ўпиб деди:
— Арслоним, ота ёдгорим, бобойигит, хуш келибсан, ўзбегим...

Ҳўнграб йиғладим. Юпатмоқчи бўлса-да, ўзимни тутолмадим.
— Ўғлим, йиғлама, — дердию ўзи ҳам ёшли кўзларини қайга яширишни билмасди.

Кейин бардоқда совуқ сув, булбулнинг кўзидай сопол пиёлада қаҳва олдириб келди. Ўзи оёқда, мен курсида, ўтириб қаҳва ичдик. Қаҳва—куйган нўхат таъмидаги бир ичимлик. Зўрға ютиб, устидан сув ичиб юбордим. Кейин билсам, турклар энг мумтоз, ҳурматли меҳмонларини қаҳва билан сийлашаркан. Бизда“бир кун туз еган жойингга қирқ кун салом бер” деганларидек, туркларда“бир қултум қаҳванинг ҳурмати қирқ йил” деган ибора бор экан. Мен эса нафақат хизмат, ҳатто жонимни беришга ҳам тайёрман. Турк дунёси учун, турк учун, Туркистон учун, туғилган ерим, киндик қоним тўкилган тупроқлар учун ҳар замон хизмат қилишга тайёрман.

Ҳужжатлар тайёр бўлгач, меҳрибон киши:“Номим Беҳжа, туркман, бийгачиман”, — дея ўзини таништирди. Мамнуният билан қўлини ўпдим.
— Бирга овқатланамиз, — деди у.

Уялганимдан довдираб, минг баҳона билан узр сўрадим.
— Ўзинг биласан, ўғлим. Майли, қачон жўнамоқчисан?
— Ҳозироқ, — дедим ўйлаб ўтирмасдан.
— Ҳе, йўқ! — деди у. — Ҳазиллашаяпсанми? Чилан, яъни поездинг кетишига ҳали икки кун бор.

Ёнидаги йигитга пул бериб:“Чипта олинглар”, — деди. Йигит ғоят вазмин, сипо. Саволлар бериб танишган бўлди. Кўпроқ: “Русча биласанми, русларни яхши кўрасанми?”— дея шўроларга муносабатимга қизиқди. Мен: “Ўлкамни таниган, халқни ҳурмат қилган, тан олган тенг миллатни яхши кўраман. Босқинчилардан нафрат қилсам ҳам, агар чиқиб кетишса, унинг миллатидан нафрат қилмайман, ҳатто яхши кўриб қолишим мумкин”,—дедим. У кулиб, ажойиб бир қараш қилди. “Инсоннинг иши қизиқ-да”— деди чўзиб. Нима демоқчи, тушунмадим. Бориб чипта олдик.

Мени бир меҳмонхонага жойлаб, икки кечалик ётоқ ва овқат пулини тўлаб,“Худога омонат, ўғлим”, — дея хайрлашди. Меҳмонхона жуда салқин ва покиза. Мазза қилиб ухладим. Эртаси куни барча тарихий жойларни, кўп зиёратгоҳларни, бозорларни айланиб, Дажла дарёси қирғоғида балиқхўрлик қилдим.

Йўлга чиқадиган куним “Масжиди ўзбекия” жоме масжидида пешинни ўқиб, бу осори атиқани мерос қилиб қолдирган аждодларимиз ҳақига дуо қилдим. Катта кўча бўйида ғоят кенг ҳовли, ичида камида минг киши сиғадиган саҳн ва ичкарида меҳмонхона, мусофирлар учун 8-10 хона, яна бир ҳовлича бор. Аммо ичкарида араблар истиқомат қилмоқда. Айтишларича, орқаси аскархона бўлгани учун бу жоме масжид яқинда йўқ қилиниб, ўрнига замонавий аскархоналар бино қилишмоқчи экан.

Биз туркистонликлар ёлғиз ватанда эмас, балки четдаги, гўё одил мусулмон ўлкаларда ҳам ҳақсизликка учраган мазлумлармиз. Афсусланишдан бошқа чора йўқ. Масжид девори соясида майда-чуйда сотиб ўтирган Муҳаммадали исмли юртдошга дуч келдим. Яқинда Ватанга қайтиш умидида экан, 80 ёшдаги онаси билан яшаркан. Юрт соғинчида юрак-бағри куйиб юрган бу йигит дардига даво топгандай, мени кузатиб қўймоқчи бўлди. Аср пайти бекатга бирга чиқди. Кўз ёши сел бўлиб оқар, бир куни илоҳий адолат қарор топишига умидвор. Ватан озод бўлиб, ҳақсизлар Худонинг ғазабига учрашига ишончи комил бўлганидан тасалли топарди. Бекатга борганимда Басра темир йўлидан кенгроқ бошқа темир йўл устида бир қатор вагон турибди. Ўтхона устида турк байроғи ҳилпирарди. Вагон деразаларидаги пардаларда ой-юлдуз нишонаси. Мовий рангли вагон, устига лотин ҳарфларда жуда катта қилиб:“Туркия жумҳурият давлат темир йўллари — Истамбул, Бағдод турист экспресси” — деб ёзиб қўйилган.

Чидаёлмай, севинчдан пиқиллаб йиғлаб юбордим. Муҳаммадали ака ўксиб-ўксиб кўз ёши тўкарди. Аслида иккаламиз ҳам нима учун йиғлаётганимизни билмасдик. Аммо ичимизни тоширган туйғу шуки, биз миллат эдик, инсон эдик. Худованди карим ҳеч бир миллатни байроқсиз қўймасин, деган дуо билан Яратганнинг ўзига сиғиндик. Муҳаммадали ака билан қайта-қайта қучоқлашиб хайрлашгач, бўхчамни қучоқлаб, поездга ирғиб миниб олдим. Пастда қолган маъюс юртдошимнинг букилиб қолган қадди-қомати, сел бўлиб оқаётган кўз ёши ҳали-ҳали эсимдан чиқмайди.

Чипта текширувчи ҳужжатларимни текширгач, ҳаддан ташқари яқинлик кўрсатди. Ҳатто дам-бадам чой, егулик олиб келиб, хабар олиб турди. Поезд Ироқ чегарасидан Туркия томон яқинлашганда хушсуврат турк миршаби йўловчиларни текширгач, навбат менга келганда алоҳида бир яқинлик кўрсатиб, ҳарбийчасига саломлашди:
— Хуш келдингиз, Ота ёдгори қардошим, — деб эркалади. Чегара, аскархона томидаги Буюк Турк байроғи гуё шаҳидлар қони каби самода ҳилпираб, хаёлни тортар, ҳаяжондан ичларим дир-дир титрар эди. Ҳалиги турк миршаб аҳволимни англади чоғи, Сурия полициясига ҳужжатларимни кўрсатиб, йўлбошчилик қилди. Поездимиз Туркиянинг Ислоҳия бекатига киргач, турк миршаби қариндошини кутган каби қўлида гул билан қаршилаб, илтифот кўрсатди. Уч соатча меҳмондорчиликдан кейин шаҳарнинг машҳур узумлари билан меҳмон қилишди. Кўкаламзорлар устидаги лоларанг турк байроғи шабадада енгил ҳилпираб, оғриқли қалбимни оҳиста силаётган каби жоним ҳузур қиларди. Атрофимда туркона илтифот, сўзлашув, товушдаги юмшоқ оҳанг, қардош тил таъсирида ўзимни она-Ватандагидай ҳис этдим.
— Оҳ, она тилим, жон тилим, иззату нафсим, ғурурим ифодаси ўзбек тилим. Мана сенга тенгдош, илдизи бир қардош, биродар тили. Араблар билан чегарадошликдан орада арабча сўзлашганлар ҳам бор. Икки кеча, икки кундуз тоғу, тош, катта-кичик шаҳар ошиб, Истамбулнинг Ҳайдар бекатига етиб келдик. Йўлда Жаҳон, Сайҳон дарёларини кўриб, Ватандаги Сайхун, Жайхун дарёларим ёдимга тушди. Юртдошлик, диндошлик, тилдошлик қандоқ ҳам гўзал-а!

Поезддан кейин, денгизда 45 дақиқача сузиб, бошқа дунё, яъни Туркиянинг Оврупо қисмига ўтдим. Такси ушлаб, тарихий Султон Аҳмад майдони яқинидаги ўзбеклар кўчаси, ўзбеклар такяхонаси, яъни мусофирхонасига етиб олдим. Уч қаватли бу бинонинг учинчи қаватида камида уч юз киши сиғадиган бир масжид ва теварагида меҳмонхоналар бор. Бир замонлар бухоролик Қушбеги томонидан туркистонлик ҳожилар учун мусофирхона мақсадида қурилган бу бино олдидаги хоналарда бир кўп юртдошлар, хонадонлар, вақтинча яшаб, ишларини йўлга қўйишгач, чиқиб кетишган.

Менга зина устидаги кичик бир хоначани бўшатиб беришди. Ўрнашиб олдим. Келди-кетди ва дастурхон очган юртдошлар кўпайиб, анча ўзимга келиб қолдим. Ғамли кунлар ортда қолгани шукронасига ҳар ҳафта камида беш-олти кишини меҳмонга чорлаб, дўст-ёрлар орттирдим, ишга шўнғиб кетдим. Пазандалик ҳунарим асқотиб, юрт-дошлар орасида тилга тушдим.

Белимни ростлаб, ғамим бироз ариди, кам-кўстсиз яшаётганимдан мамнунман, аммо эски дард — то Ватаним мустақил бўлмас экан, кўнгил хотиржам бўлиши амри маҳол. Истанбулдаги юртдошлар Туркистон ва миллий мустақиллик йўлида устувор турганини кўриб, ич-ичимдан бир қувониқ келиб, умидланардим.

Чунончи, қўқонлик дўхтир Солижон Эркин бошчилигидаги Туркистон миллий жамияти нашрлари шу йўлда фаолият олиб бораётганлардан. Гоҳ такянинг кенг бир хонасида миллий либослар кўргазмаси ташкил этилар, гоҳ йиғилишларда миллий ўйинлар, миллий таомлар намойиш қилиниб, қадриятлар эсга олинарди. Ҳатто Нав-рўзларда сумалак пишириб, аждодлар анъаналарини тиклашга уринишарди. Кейинчалик, Туркия маданият марказлари ёрдамида Туркистон кўмакчи жамияти фаолият бошлади. Маданий, сиёсий ва ижтимоий фаолиятлар ерлик турк қардошлар ичида эътибор топа борди, ҳатто давлат идоралари назарига тушди.

Жамиятларнинг сиёсий фаолият олиб бориши ман қилинган бўлса-да, биз, туркистонликлар, бу борада эркин эдик. Хусусан, урушда асир тушиб, кейин Туркия ҳомийлигида юртга олиб келинган ҳамюртларнинг ҳаёти турк қардошлар орасида алоҳида эътиборга эга эди. Бир замонлар Туркия истиқлолида иштирок қилиб, шаҳид бўлган туркистонликлар Афғон паспортларига эга бўлганлари учун афғон ҳисобланишар, бу афғонлар манфаатига хизмат қиларди. Туркистонликлар ва жамиятлар орқали ҳақиқат рўёбга чиқиб, мен ва менга ўхшаганлар эътиборга тушиб қолдик. Расмий идораларнинг бизларга кўрсатган алоқа ва эътиборидан чўчиган шўролар туркистонликларни ичидан емириш мақсадида орамизда юрган дудуқ Маҳмудга ўхшаган махфийлар борлигини ривоят қилишарди. Ватандан айро муҳожирларга “Ватан хоини”, уларни ёмонотлиқ қилувчиларни эса “Ватанпарвар, миллатчи” дея бонг ураётганлар Маҳмуднинг думлари эканлигини аниқлаганлар бор эди. Халқ иккиланиб қолган. Аммо эгри ўлтириб, тўғри сўзлаганда қайси томонда бўлишидан қатъий назар бой-камбағали, ёшу қариси, ҳаммасиям Ватан, Туркистон ва турк-лар учун ҳар замон жон фидо қилишга тайёр юртдошлар эди. Ватан билан алоқа боғлаш учун мен ҳам бир неча бор қишлоғимга хат ёзиб, қариндош-уруғимни қидиргандим. Афсуски, улар ё сургун қилинган бўларди ёки қўрқувдан бизлардан тонишарди. Асл мақсади четдаги туркистонликлар орасига фитна суқиш бўлган Тошкентдаги “Дўстлик жамияти” хат йўллаб, гўё бизларга ёрдам бермоқчи бўларди.

Мен ҳам қўрқмай, жасорат билан билиб туриб хатлашардим. Чунки жамият бошида ақли расо, хусусан, самарқандлик Зиёмиддин ака, ундан бошқа шоир Миад Ҳакимов, Рамз Бобожон ва Аҳмад Луқмон деган ватанпарвар, кўнгли оқ, девюрак кишилар бор эди. Булар асли руҳан Ватанига содиқ кишилар эдилар.

Яқин келажакда ёруғ кунлар умиди билан яхши ниятларда четдаги юртдошлар билан алоқа боғлаш пайига тушгандим. Шу сабабли такядагилар орасида шов-шув кўтарилди. Қизиқ, умрида бир бор Ватанни эсламайдиганлар ватанпарвару, бизга ўхшашлар, бахтсизлар қора бўлиб қолишганди. Мен парво қилмай, муносабатни узмай, Ватандан тарқатилган пуч хабарлар орасидан яширилган тўғри хабарлар чиқиб қолар, деган умидда эдим. Ва бу умидим пучга чиқмади. Чунончи, 1988 йилдан бошлаб советлар қурган сохта иморатнинг михлари ўйнаб, Горбачёв бошчилигида“қайта қуриш” режалари чизилиб,“эркин фикр” каби иборалар қулоққа чалиниб қолди. Тўғриси, 70 йил зулм остида калтак еб меҳнат қилган, асл жумҳурият халқларига янгича сиёсат асосида сиртини силаб туриб, яхши гап билан авраб, яна ҳам кўпроқ фойда олмоқчи бўлишарди. Аммо“қайта қуриш” бир туртки бўлдию ичдан етилиб келган озодлик туйғуси жунбушга келди. Қадим Туркистон жумҳурияти миллий халқлари ҳам фурсатни ғанимат билиб, миллий туйғу оташида ҳақларини талаб ва ҳимоя қила бошладилар. Бу ёғи ўқувчига маълум. Ўзбекистон 1991 йил 1 сентябрда ўз миллий байроғини тиклади.

Ўзбекистон газеталари Президент И.Каримовнинг“Биз нима учун бировлар олдида тиз чўкишимиз керак? Биз ўз халқимизнинг хоҳиш истагига қараб иш кўришимиз керак” каби фикрлар билан чиқа бошлади. Бу ҳақиқий уйғониш эди. Ниҳоят, Туркистон, хусусан, ўзбек халқининг бутун дунё диққатини ўзига жалб этганлиги улуғ саодат эди. Мен ўзимга ачиниб кетаман, чунки бир умр буғдой экиб, арпа ўриб келдим.

Такяда узоқ қолишим менга тўғри келмаётганди,“Ҳазрати Аюб” томондан бир ҳовли сотиб олиб, ўша ерга муқим ўрнашдим. Мабодо Ватанга қайтолмасам, шу табаррук ерда хоким қолар, деб ўйладим.

Ватанга қайтиш ҳаракатларидан натижа чиқмади. Мен сиёсатчи эмас, оддий инсон эдим. Шўроларда инсоний туйғу ўрнига ҳайвоний туйғу ҳоким эди. Шу боис ҳам у абадий қололмади. Худонинг адолати тажалли қилиб, шўролар парчаланиб, азиз ўлкам озод бўлди. Очилган дарвозалардан биз томон кириб келган, мен доим соғиниб кутганим юртдошларимга ҳамиша бағрим очиқ. Ўрни келганда баъзиларга моддий ва баъзиларга маънан ёрдам бериб, йўл кўрсатаман. Ҳа, ораларидан битта-яримта жонкуяр қариндошим чиқиб қолармикан деб умид қиламан-у, аммо умидларим пучга чиқади. Ҳозирча ҳеч ким чақирув қоғози юбориб, Ватанга даъват этганича йўқ.

Мазлум Ватанга-ку, боролмаган эдим, энди Оллоҳ мадад берса, озод Ватанга бир куни қайтиб бориш менга ҳам насиб этар. Чунки Ватан соғинчи дилу жонимни ёқмоқда. Хайр, Худо иймондан айирмасин. Ватан омон бўлсин, Ватан соғ бўлсин! Ранги рўйим сомон бўлса ҳам, майли, она-юртим омон бўлсин. Аввалда ҳам, ҳозирда ҳам ҳеч қандай қийинчилик ва жудолик мени фикрий, ғоявий йўлимдан қайтаролгани йўқ.

Биз эса Ватанимизга сиғмадик, аммо Ватан муҳаббати, Ватан орзуси билан охират остонасигача етиб кела олибманми, демак бундаги ҳикмат ҳам Оллоҳимга аёндир. Омон бўлингиз...

Жабрдийда ўзбек халқи тарихида шундай даврлар бўлганки, фан ва маданият аҳли эркин нафас олиш, яйраб-яшнаб ижод қилиш, илмий асарлар яратиш учун бошқа юртларга равона бўлганлар. Аммо большевиклар тарих саҳнасига чиққанларидан кейин кўҳна Туркистон ва туркистонликлар ҳаётида шундай мушкул даврлар бошландики, озгина ер-суви бўлиб, эмин-эркин яшаётган кишилар “қулоқ” қилинди, ер-суви, мол-мулки тортиб олиниб, ўзлари азиз жонларини, бола-чақаларини ХХ асрнинг“яъжуж-маъжуж”ларидан сақлаб қолиш истагида хорижий мамлакатларга бош олиб кетдилар. Уларнинг бир қисми чегара жойларда тутиб олиниб, отиб ташланди, бошқа бир қисми Амуни кечиш чоғида дарёга ғарқ этилди, омон-эсон қолганлар эса Хитой, Афғонистон, Туркия, Саудия Арабистонидан бошпана топдилар.

* * *

“Жаҳон адабиёти” журнали саҳифаларида “Буғдой экиб, арпа ўрганлар” қиссаси эълон қилинаётган Собир Сайҳон – золим фалакнинг гардиши билан ўзга юртларга бориб қолган ва ўша ерда палак ёзган минглаб ватандошларимиздан бири. 30-йилларнинг бошларида қишлоқ аҳли бошига тушган офат унинг оиласини ҳам четлаб ўтмаган. Шўро ҳокимиятининг зуғуму зўравонлигидан жони ҳалқумига келган бошқа фарғоналиклар қатори, унинг ота-онаси ҳам 1931 йили киндик қонлари тўкилган Варзак қишлоғини бир умрга ташлаб кетишга мажбур бўлишган. Шу вақтда Собиржон ҳали чилласи чиқмаган чақалоқ эди. Ярим кечаси солга ўтириб Амударёни кечиб ўтишда, бир томондан, орқадаги қизил аскарлар, иккинчи томондан, олдиндаги афғон сарбозлари ёғдирган ўқ ёмғиридан қанчадан-қанча бегуноҳ юртдошлари, қўни-қўшнилари ҳалок бўлишган. Аммо ўттиз кунлик чақалоққа Оллоҳнинг раҳми келиб, у ота-онаси билан бирга шўроларнинг “қил кўприги”дан тирик ўтган. Собир афғон тупроғидаги хорлик ва зорликлар, сарсону саргардонликлардан ҳам омон чиққан. Тақдир унга Туркиянинг тоза ҳавоси билан нафас олиб яшашни раво кўрган экан, мана ҳозир у Истанбулдек дунёнинг энг гўзал шаҳарларидан бирида истиқомат қилиб келмоқда.

Фарғона вилоятининг Тошлоқ туманидаги Варзак қишлоғида туғилган ва шу қишлоқни, айтиб ўтганимиздек, ўттиз кунлик “жиш” пайтида тарк этган Собир Сайҳон бутун онгли ҳаёти давомида Ватанга соғинч ҳиссини бир дақиқага бўлса-да йўқотмади. СССР деган темир қўрғоннинг деворлари нурай бошлаши билан у ўз қишлоғи ва ҳамқишлоқларини, осмонида истиқлол қуёши порлаган ўзбек диёрини кўргани, она-Ватан ҳавоси билан тўйиб нафас олгани келди.

Хорижий оламда она юртини соғиниб-қўмсаб яшаган, муҳташам бинолар пештоқида ҳилпираб турган 12 юлдузли байроқни кўриб, кўз ёшларини яшира олмаган бундай ватандошларимиз оз эмас. Аммо Собир Сайҳон улардан қатор фазилатлари билан ажралиб туради. Бу фазилатларидан бири ва журналхонлар учун, айниқса муҳими, унинг шоир ва адиблигидир. Собир Сайҳоннинг “Тўлғаной”, “Адашганлар”, “Силсила” деган қиссалари, “Ватан қидирган йигит” номли қисса ва ҳикоялар тўплами Тошкентда чоп этилиб, китобхонларга манзур бўлган. Бу асарларни ўқиган китобхон Собир Сайҳоннинг тақдирнинг қандай хатарли сўқмоқларидан ўтиб, Инсон бўлиб қолганини, бағрида нафақат ватансеварлик, балки ўзбекона кенглик, тантилик, олийжаноблик, меҳр-оқибат сингари эзгу хислатлар ҳам жўшиб турганини яхши билади.

Ўтган асрнинг 80-йилларида, аниқроғи, мустақиллик арафасида собиқ шўро мамлакатида ҳаётбахш шабадалар эса бошлади. Биз шу даврда Булоқбоши тахаллуси билан шеърлар ёзган, Тоҳир Чиғатой исм-шарифи билан илмий ва адабий-танқидий мақолалар эълон қилган, фаннинг турли соҳалари бўйича профессорлик унвонига сазовор бўлган ватандошларимиз борлигидан хабар топдик. Бу, биз учун қувонарли воқеа эди. Аммо илм бошқа олам-у, бадиий ижод – бошқа олам. Шоирлик Булоқбошининг касб-кори бўлмаган. Умуман, шоирлик – касб эмас. Шеър ёзиш бегона юртда истиқомат қилаётган Булоқбоши учун Ватан туйғуси билан яшашнинг бир шакли эди. Шунинг учун ҳам унинг шеърларига ҳозирги ўзбек шеърияти эришган юксакликдан туриб ёндашмаслигимиз лозим. Худди шунингдек, Собир Сайҳоннинг шеърларини ҳам шеърият мухлисларига профессионал шоирнинг шеърлари деб тақдим этиб бўлмайди. Шоирлик – унинг ҳаваси.

Унинг, масалан, Ҳусниддин Шариповдек шеър ёзиши учун Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Миртемир шеърларини ўқиган, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Жуманиёз Жабборовлар билан бир адабий муҳитда яшаган бўлиши лозим. Шунинг учун ҳам Собир Сайҳон ўзини фақат ҳаваскор шоир деб билади. Лекин унинг қисса ва ҳикояларини ўқиган китобхон муаллифда бадиий дид ва дил борлигини сезмай иложи йўқ. Собир Сай-ҳон бошидан кўп яхши ва ёмон воқеаларни ўтказгани, ундан ҳам кўпроқ яхши ва ёмон кишиларни кўргани туфайли унинг насрий асарларидан у яшаган, у орзу қилган, унга қанот бағишлаган ҳаёт нафаси уфуриб туради.

Собир Сайхон насрий асарларининг менга, айниқса, манзур бўлган жиҳатларидан бири ўзбекона рангин тилидир. Замона зайли билан 30-йилларда ўз ватанларини ташлаб, хорижий мамлакатларда яшашга мажбур бўлган ватандошларимизнинг, хусусан, Собир Сайҳоннинг қисса ва ҳикоялари тили ва услубида оҳори тўкилмаган сўзларни, лисоний соддалик ва табиийликни, ўзбекона услуб жилоларини кўриб, қувонмай иложингиз қанча...

Шояд, Собир Сайҳон узоқ ижодий умр кўриб ва янада бадиий бақувват асарлар ёзиб барча мухлисларини хушнуд қилиб юрса.

Наим КАРИМОВ,

филология фанлари доктори,

профессор