OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифСтанислав Стратиев
Асар номиШахсий фикрим қани (ҳажвия)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Жаҳон/Болгар адабиёти
Бўлимлар
   - Ҳажв
Муаллифлар
   - Станислав Стратиев
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳажвиялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
ТаржимонАҳмад Оқназаров (Рус тилидан)
Ҳажм7KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2013/07/03
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Шахсий фикрим қани (ҳажвия)
Станислав Стратиев

Эрталаб Петров бир қултум қаҳвасини ичди-ю, хотинининг пешонасидан ўпиб, ишга отланмоқчи бўлиб, остонага етганда ҳаяллаб, чўнтакларини ковлаштира бошлади.
— Нимангни излаяпсан? — деди хотини.
— Фикрим... менинг фикрим... топилмаяпти, — деди Петров кийимларини пайпаслаб, киссаларини ковлашда давом этаркан. — Қаёққа тиқдим экан-а!
— Анови чўнтагингдаги шалвираб турган нима?
— Дастрўмолчам, — минғирлади Петров. — Фикрим қаёққа даф бўлдийкин-а?

У барча чўнтакларини ағдариб кўрди, портфелини титкилади, кийимларини қоқиштириб кўрди — тополмади.
— Йўқ, — деди у хотинига. — Сен билмайсанми, қаёққа ғойиб бўлганикин?
— Яхшиси, ҳовлиқмасдан, астойдил излаб кўр.

Петров яна чўнтакларини бирин-кетин ковлашга тушди. Афсуски, ҳеч қаерда унинг шахсий фикри йўқ эди.
— Шошмай тур-чи, — дея хотини пешонасини тириштирди. — Охирги марта сен уни ўтган йили, январ ойида эслагандек бўлувдинг, шекилли. Корхонангда йиллик режа тасдиқланадиган куни-чи?
— Йўқ, хотин, адашяпсан. Мен ҳали ақлдан озганим йўқки, йиллик режа муҳокамасига шахсий фикрим билан борсам!..
— Ҳмм... Ҳа, айтмоқчи! Кейин вазирликка чақиришувди-ку? Эҳтимол, фикрингни ўшанда обкетган бўлма тағин?
— Нималар деяпсан, хотин? Вазирликка ким ҳам ўз фикри билан боради, а? Шундай нуфузли жойда, одатда, ўзгаларнинг фикрига қўшиласан, бас! Йўқ, у гал фикримни обкетмаганман.
— Унда қаёққа гумдон бўлади? Аслида бормиди ўзи?
— Бор эди, бор эди, мана, энди йўқ.
— Ёпирай! Савил қолгур фикринг қайси кавакка кириб кетдийкин, а?

Хотини чуқур ўйга толди. Эри сўнгги пайтларда қаерларга борувди, ўзи билан ўз фикрини қачон обкетувди?
— О, топдим! — деб қийқириб юборди хотини. — Эсингдами, Бош директорингга тишини қайраб юрган Симеонов деган шартаки ходимларинг бор эди-ку, ўшани ишдан бўшатадиган кун эсингдами? Фикрингни ўша кунги мажлисга обкетгансан. Ёдингга тушдими?
— Ёдимда, — деди Петров бамайлихотир. — Лекин ўшанда биздан мажлис қарорини қўллаб-қувватлашгина сўралган, холос. Шахсий фикр ҳеч кимни қизиқтирмаган.

Хотини жавонини очиб кўрди.
— Балки сен уни муҳим ҳужжатларинг сақланадиган ғаладонга солиб қўйгандирсан?
— Қўйгандим. Сўнг бир марта олиш учун очиб... олдимми ё яна солиб қўйдимми, эсимда йўқ.
— Менга қара, шу тобда шахсий фикринг нега керак бўп қолди? Нега ёпишиб олдинг? Ахир, ишга кетяпсан-ку? Сўраб қолсалар, «уйда қопти», деб айтарсан-да.
— Xўп, айтарман. Мабодо, уни мутлақо йўқотиб қўйган бўлсам-чи?
— Қиёмат қўпмас! Унингсиз ҳам бинойидек яшаб келяпсан-ку!
— Тўғрику-я... Ҳар ҳолда, доим унингсиз яшаш ҳам яхшимас. Бирор нозик жойда керак бўп қолса, нима деган одам бўламан?
— Керак бўлмайди-ёв...
— Йўқ, ҳар ҳолда, ҳар ҳолда... Бирор жойда бордир у? Ҳеч бўлмаса, бир қур қараб кўрайлик-чи!..

Хотини шиддат билан кийим-кечак, кўрпа-тўшакларни ағдаришга тушиб кетди...
— Мана у! — деди хотини терларини арта-арта. — Сен уни эски палтонгнинг чўнтагида қолдирибсан. Бу палтони, биласанми, икки йил олдин чиқитга чиқариб ташловдинг.
— Тўппа-тўғри, шахсий фикрим! — қувониб кетди Петров. — Икки йил олдин опчиққан эканман-у, яна ўша жойида паққос унутиб қолдирибман-а?
— Мен палтони ювишга топширворгандим-ов. Бу ёққа ол-чи, кирмошинда фикринг ивиб, титилиб кетмадимикин? — Шундай деб хотини айлантириб-айлантириб, силкиб-силкиб, пуфлаб-пуфлаб эрига фикрини қайтариб берди. — Йўқ, жин ҳам урмабди. Аксинча, худди янгидек.
— Албатта-да, мен ундан деярли фойдаланмадим, ахир.
— Тўғри қиласан. Менам палтонгни болахонага чиқариб ташламоқчийдим. Барибир киймайсан-ку!
— Менда янгиси бор-ку. Почапўстин.
— Энди фикрингни бошқа, кўринарли жойга қўй. Қутичагами, ҳужжатларингнинг орасигами? Яхшиси, энг ишончлиси — омонат дафтарчангнинг қатига жойлаб қўя қолганинг дуруст.
— Шундай қиламан!

Петров шахсий фикрини дафтарча қатига жойлади-ю, хотинининг пешонасидан ўпиб, мамнун ҳолда эшикдан чиқди.