OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

1 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифСтивен Кинг
Асар номиЧекишни ташланг корпорацияси (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Жаҳон/Америка адабиёти
Бўлимлар
   - Даҳшат
Муаллифлар
   - Стивен Кинг
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
ТаржимонДилшодбек Асқаров
Ҳажм57KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/11/18
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Чекишни ташланг корпорацияси (ҳикоя)
Стивен Кинг

Ўша куни Моррисон Кеннеди аеропортида ўтирганича бир кишини кутарди. У барда танишини кўриб қолди.
— Жимми? Жимми Маккенн?

Уларнинг Атлантадаги кўргазмада учрашувларидан буён Маккенн сал семирган бўлса-да, кўриниши жуда яхши эди. Моррисон унинг коллежда ўқиган пайтида қандай ашаддий кашанда, ориқ ва рангпар бўлганлигини эслади. Кўзлари катта-катта кўзойнаги унинг юзини тўсиб қўярди. Энди эса, афтидан Маккенн, контакт линза тақарди.
— Дик Моррисон?
— Ҳа, менман. Кўринишинг зўр. - Улар кўришишди.
— Сенинг ҳам, - деди Маккенн, лекин Моррисон бунинг ёлғон эканлигини биларди. У жуда кўп ишлар, ер, ичарди.
— Нима ичасан?
— Бурбон, - деди Моррисон ва қулайроқ жойлашиб ўтириб сигарет туташтирди. - Бирортасини кутиб олгани чиқдингми?
— Йўқ. Маямига кетяпман. Олти миллион долларлик шартнома тузгани.
— Ҳали ҳам «Крегер ва Бартон» фирмасида ишлаяпсанми?
— Энди мен унинг вице-президентиман.
— Буни қара! Табриклайман! Қачондан бери? - Моррисон ичи ҳасаддан эмас, жиғилдони қайнаётганидан куяётганига ўзини ишонтиришга уринарди. У дори олиб оғзига солди.
— Августдан бери. Бунгача эса ҳаётимни ўзгартириб юборган воқеалар содир бўлди. - У Моррисонга диққат билан қаради. - Бу сени қизиқтириши мумкин.
— Албатта, - жавоб берди Моррисон стакандаги ичкиликдан хўпларкан.
— Ишларим орқага кетганди, - ҳикоясини бошлади Маккенн. - Шерон билан келишолмай қолдим, отам инфарктдан вафот этди, ўзим эса тинмай йўталардим. Бир куни хонамга Бобби Крегер кирди ва тарбиявий суҳбат олиб борди. Эсингдами шундай суҳбатлар?
— Бўлмаса-чи! - Моррисон «Крегер ва Бартон» фирмасида бир ярим йил ишлаган, сўнгра «Мортон» агентлигига ишга ўтиб кетганди. - «Ақлингни ишлат... ёки жўнаб қол».

Маккенн кулиб юборди.
— Шунақа. Шифокор эса «Ошқозон яраси бошланяпти, чекишни тўхтатинг», деди. Бу «Нафас олишни тўхтатинг», деган билан баравар.

Моррисон бош ирғади. У қўлидаги сигаретга қаради ва ҳозироқ янгисини тутатишини била туриб уни ўчирди.
— Шундан сўнг чекишни ташладингми?
— Ташладим. Дастлаб эплолмайман, деб ўйладим. Кейин эса бир йигитни учратиб қолдим. У менга Қирқ олтинчи кўчадаги корпоратсия ҳақида гапириб берди. Улар ҳақиқий мутахассислар. Мен уларга боришга қарор қилдим. Ўшандан буён чекмаяпман.

Моррисоннинг кўзлари каттариб кетди.
— Улар сенга дори беришдими?
— Йўқ, - Маккенн чўнтагидаги ҳамёнини олиб кавлай бошлади. - Мана. - У стол устига ташриф варақасини қўйди.

«Чекишни ташланг» корпоратсияси

Тўхтанг! Соғлигингиз тутун билан бирга учиб кетмоқда!

237 Ист, Қирқ олтинчи кўча

Олдиндан шартнома тузиш асосида даволаш
— Истасанг, ўзингда олиб қол, - деди Маккенн. - Улар сени даволашади. Бунга кафолат бераман.
— Қанақасига?
— Буни айтишга ҳаққим йўқ.
— Нега? Нима учун?
— Шартномада шундай модда бор.
— Сен шартнома тузганмисан?

Маккенн бош ирғади.
— Ва шу асосда...
— Худди шундай... - У Моррисонга жилмайди.
— Агар улар шунчалик зўр ишлайдиган бўлишса, бундай чоранинг нима кераги бор? Нима учун уларнинг рекламасини кўрмайман, газетага эълон беришмайди?
— Уларнинг мижозлари реклама вазифасини ўташади.
— Сен ҳам реклама бўйича мутахассиссан, Жимми. Бунга қандай ишониш мумкин?
— Мен ишонаман, - жавоб қайтарди Маккенн. - Уларнинг тўқсон саккиз фоиз мижозлари чекишни ташлашади.
— Бир дақиқага, - деди Моррисон сигарет туташтираркан. - Улар сени боғлаб қўйиб кўнглинг айнигунча чекишга мажбур қилишадими?
— Йўқ.
— Чекишинг билан ўзингни ёмон ҳис қиладиган бирор нарса...
— Йўқ. Ўзинг бориб кўр. - У Моррисоннинг сигаретига ишора қилди.
— Шуни чекиб маза топасанми?
— Йўқ, лекин...
— Мен чекишни ташладим ва ҳаётимда кўп нарсалар ўзгарди, - деди Маккенн. - Кучимга куч қўшилди, Шерон билан муносабатларим яхшиланди, ишларим юришиб кетди.
— Сен мени қизиқтириб қўйдинг. Бирор нарса айта ола...
— Кечир, Дик, ҳаққим йўқ, - деди Маккенн қатъий оҳангда.
— Чекишни ташлаганингдан бери семириб қолибсанми? - сўради Моррисон ва унга Жиммининг авзойи бузилгандек туюлди.
— Ортиғи билан. Лекин ортиқча вазндан қутулдим. Ҳозир вазним меъёрида.
— Икки юз олтинчи рейсга тўққизинчи сектсияда рўйхатга олиш бошланди, - эълон қилинди овоз кучайтиргич орқали.
— Бўпти, - деди Маккенн ўрнидан тураркан. - Истасанг, яна ич. Дик, менинг айтганларимни яхшилаб ўйлаб кўр. - У шу сўзларни айтиб эскалатор томон кетди. Моррисон ташриф варақасини олиб ҳамёнига солиб қўйди.

Бир ойдан сўнг Моррисон барлардан бирида пул тўламоқчи бўлиб ҳамёнини очганида ташриф варақаси тушиб қолди. У ишдан эртароқ қайтган ва кунни ичиш билан ўтказмоқчи эди. Иши тобора орқага кетаётганди. Моррисон пулни тўлагач, варақани қўлига олиб ўқиди. 237 Ист, Қирқ олтинчи кўча - унча узоқ эмас, икки квартал нарида. Октябрнинг қуёшли куни эди: балки бир бориб кўрсамикин...

«Чекишни ташланг» корпоратсияси янги бинода жойлашган бўлиб, бу ерда битта хонанинг ижара ҳақи, эҳтимол Моррисоннинг бир йиллик маошига тенг эди. Корпоратсия бутун бир қаватни эгаллаган, демак пули кўп.

У лифтда юқорига кўтарилди ва гилам тўшалган йўлакдан ўтиб катта стол қўйилган кенг қабулхонага кирди. Бу ерда уч эркак ва бир аёл журнал ўқиб ўтиришарди. Кўринишидан улар бизнесмен эдилар. Моррисон котибага ташриф варақасини узатди.
— Буни менга дўстим берганди.

Котиба жилмайди ва ёзув машинкасига қоғоз солди:
— Исми-шарифингиз, жаноб?
— Ричард Моррисон.
— Манзилингиз?
— 29 Мейн-лейн, Клинтон, Ню-Ёрк.
— Уйланганмисиз?
— Ҳа.
— Фарзандларингиз борми?
— Битта ўғлим бор. - У Элвинни ўйлаб қовоғини уйди: «битта» эмас, «яримта» деса тўғрироқ бўларди. Унинг ўғли ақлан ноқис бўлиб, Ню Жерсидаги махсус интернатда яшарди.
— Бу ерга келишни сизга ким тавсия қилди, жаноб Моррисон?
— Жеймс Маккенн, дўстим.
— Яхши. Марҳамат, ўтиринг. Бугун бу ерда одам кўп.
— Бўпти.

У мовий ранг костюм кийган аёл ва тивит пиджакли йигит ўртасига ўтириб чўнтагидан сигарет чиқарди, лекин атрофда кулдон йўқлигини кўриб қайтариб чўнтагига солди.

Ҳечқиси йўқ, уларнинг ўйинини билади, ташқарига чиққач, маза қилиб чекади. Агар бу ерда узоқроқ кутадиган бўлса, сигарет кулини оёғи остидаги жигарранг гилам устига ташлайди. Моррисон «Тайм» журналини олиб варақлай бошлади.

Унинг баданига йиғилиб қолган никотин яна қўшимчасини талаб қиларди. Моррисондан кейин келган бир киши чўнтагидан портсигар чиқарди, лекин кул ташлагани идиш й¬ўқлигини кўргач, чўнтагига солиб қўйди. Буни кўриб Моррисон ўзини енгил ҳис қилди.

Ниҳоят котиба жилмайганича уни ичкарига таклиф этди. Моррисон ўзини хира ёритилган йўлакда кўрди. Сочлари оппоқ бир киши унинг қўлини қисди ва дўстона жилмайди:
— Ортимдан юринг, жаноб Моррисон.

Улар қатор эшиклар ёнидан ўтишди. Йўлак ўртасига етишганида оқ сочли киши эшиклардан бирини очди. Улар деворлари оппоқ кичкинагина хонага киришди. Хонада битта стол ва иккита стул бор эди, холос. Стол ортидаги деворда кичкинагина туйнук бўлиб, уни энсиз яшил парда ёпиб турарди. Моррисоннинг чап томонидаги деворда қўлида қоғоз тутган кишининг сурати осиғлиқ эди.
— Менинг исмим Вик Донатти, - ўзини таништирди ҳалиги киши. - Агар даволаш курсига рози бўлсангиз, сиз билан мен шуғулланаман.
— Танишганимдан хурсандман. - Моррисоннинг жудаям чеккиси келаётганди.
— Ўтиринг.

Донатти котиба тўлдирган қоғозни стол устига қўйди, ғаладондан яна битта қоғоз олди ва Моррисонга қаради:
— Ростдан ҳам чекишни ташламоқчимисиз?

Моррисон йўталди, оёғини чалиштирди, сўнг жавоб қайтарди:
— Ҳа.
— Унда имзо чекинг.

У қоғозни Моррисонга узатди. Моррисон кўз югуртирди: қуйида имзо чекувчи даволаш усулларини ошкор этмасликка мажбур ва ҳоказо ва ҳоказо.
— Бўпти.

Донатти унга ручка узатди, Моррисон имзо қўйди. Сўнгра қоғоз стол ғаладонига солинди. Хўш, ўйлади Моррисон киноя билан, қасам ичдим. Олдин ҳам шундай ҳол бўлганди. У ҳаттоки, икки кун чекмаганди ҳам.
— Яхши, - деди Донатти. - Биз бу ерда тарғибот билан шуғулланмаймиз, жаноб Моррисон. Саломатлик, сарф-харажат, ижтимоий мурувват масалалари ва сизнинг нима учун чекишни ташламоқчи эканлигингиз бизни қизиқтирмайди. Биз - амалиётчилармиз.
— Зўр, - деди Моррисон эътиборсизлик билан.
— Ҳеч қандай дори бермаймиз, маъруза ўқимаймиз, пул талаб қил-маймиз. Бир йил давомида чекмаганингиздан кейингина пул тўлайсиз.
— Э, Худо, - деди Моррисон.
— Жаноб Маккенн бу ҳақда айтмаганмиди?
— Йўқ.
— Дарвоқе, унинг ишлари қалай? Яхшими?
— Зўр! Қойилмақом!
— Ҳозир эса... бир нечта шахсий саволларим бор, жаноб Моррисон. Жавобларингиз сир сақланади.
— Шундайми? - деди Моррисон.
— Хотинингизнинг исми?
— Люсинда Моррисон. Қизлик фамилияси - Ремзи.
— Уни севасизми?

Моррисон дарҳол Донаттига қаради, лекин у мулойимлик билан тикилиб турарди.
— Шунақа.
— У билан жанжаллашганмисиз?
— Чекишни ташлашимга бунинг қандай алоқаси бор? - Моррисон юмшоқроқ гапирмоқчи эди, лекин иложи бўлмади - унинг ўлгудек чеккиси келаётганди.
— Бевосита алоқаси бор. Саволларимга жавоб беринг.
— Йўқ. - Аслида кейинги пайтда уларнинг муносабати ҳақиқатан ҳам кескинлашиб бораётганди.
— Фарзандингиз борми?
— Ҳа. Исми Элвин, у хусусий мактабда ўқийди.
— Қайси мактабда?
— Буни айтмайман, - Моррисон ғамгин жавоб қайтарди.
— Майли, - деди Донатти ва жилмайди. - Эртага даволаш курсимизнинг биринчи сеансида барча саволларингизга жавоб бера оламан.
— Жуда яхши, - деди Моррисон ва ўрнидан турди.
— Ва сўнгги саволим: сиз бир соат давомида чекмадингиз. Ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз?
— Яхши, - алдади Моррисон, - жуда яхши.
— Баракалла, - деди Донатти ва столни айланиб ўтиб эшикни очди. - Бугунча чекишингиз мумкин. Эртадан бошлаб эса битта ҳам сигарет чекмайсиз.
— Бўлиши мумкин эмас!
— Бунга кафолат берамиз.

Эртасига роппа-роса соат учда Моррисон «Чекишни ташланг» корпоратсияси қабулхонасида ўтирарди. У эрталаб роса иккиланди: бориш керакми ёки йўқми.

Ниҳоят, Жимми Маккенн айтган биргина ибора уни боришга мажбур қилди:

Ҳаётимда кўп нарса ўзгарди.

Лифтга киришдан олдин у сигаретни филтригача чекди. Минг афсус, агар у охирги марта сигарет чекаётган бўлса.

Бу сафар узоқ кутишга тўғри келмади. Котиба уни ичкарига таклиф қилганида, Донатти аллақачон кутиб ўтирарди. У Моррисонга қўл узатди ва илжайди. Моррисон ўзини ноқулай ҳис қилди ва чеккиси келди.
— Юринг, - таклиф қилди Донатти ва улар хонага киришди. Донатти стол ортига, Моррисон унинг қаршисига ўтирди.
— Келганингиздан хурсандман, - деди Донатти. - Аксарият мижозларимиз биринчи суҳбатдан сўнг қайтиб келмайдилар. Улар чекишни ташлашни истамаётганликларини тушуниб қолишади. Мен жон деб сиз билан ишлайман.
— Даволаш курси қачон бошланади? - Гипноз, ўйлади Моррисон, гипноз бўлса керак.
— Иккаламиз йўлакда кўришганимиздан бошланган. Сигаретингиз борми, жаноб Моррисон?
— Ҳа.
— Менга бера оласизми?

Моррисон елкасини қисиб қўйиб қутини Донаттига узатди. Унда барибир, икки ёки уч дона сигарет қолганди.

Донатти қутини стол устига қўйди, Моррисонга жилмайди, ўнг қўлини мушт қилиб қутини мажақлай кетди. Қути ичидан синган сигарет учиб чиқди, тамаки сочилди. Донатти жилмайишда давом этди - Моррисоннинг баданида чумоли ўрмалагандек бўлди. Эҳтимол, улар шу йўл билан таъсир ўтказишар, ўйлади у.

Ниҳоят, Донатти мажақланган қутини ахлат челакка улоқтирди:
— Уч йилдан бери шу иш билан шуғулланиб роҳат қиламан.
— Бундай даволаш курси наф берармикин, - деди Моррисон юмшоқлик билан. - Ташқаридаги дўкондан сигарет сотиб олиш мумкин.
— Мутлақо тўғри, - маъқуллади Донатти ва қўлини кўксига чалиштирди. - Ўғлингиз Элвин Доус Моррисон Петерсон ақли ноқис болалар мактабида. Туғма жароҳати туфайли у ҳеч қачон тузалмайди. Унинг ақлий қобилияти коеффициенти - 46. Хотинингиз...
— Буни қаердан билдингиз? - қичқирди Моррисон. У ғазабга минганди. - Бунга қандай ҳаққингиз бор?
— Биз сиз ҳақингизда кўп нарсани биламиз. - деди Донатти, - лекин илгари айтганимдек, бу сир сақланади.
— Мен кетаман, - деди Моррисон ва ўрнидан турди.
— Яна озгина ўтиринг.

Моррисон Донаттига диққат билан қаради - у хотиржам эди. Ҳаттоки, бу суҳбатдан у завқ олаётгандек эди. Унинг юз қиёфасидан Донатти бундай ҳолатларни юз марталаб кўрганини билиш мумкин эди.
— Яхши, қоламан. Ишга ўтайлик.
— Албатта. - Донатти стулга суянди. - Мен сизга айтувдим - биз амалиётчимиз. Шунинг учун ҳам биз бошидаёқ чекишга бўлган иштиёқни даволаш қанчалик қийинлигини тушуниб олишимиз керак эди. Чекишни ташлаганларнинг саксон беш фоизи қайтадан чекишни бошлаб юборишади. Гиёҳвандлар орасида эса бу кўрсаткич пастроқ. Муаммо жуда жиддий.

Моррисон ахлат челакка қаради. Битта сигарет букилиб кетган, лекин чекса бўларди. Донатти ёзилиб кулди, челакдаги сигаретни синдириб ташлади.
— Айрим штатларнинг қонун чиқарувчилари баъзан қамоқхоналарда чекишни ман қилишни таклиф қилишади. Овоз бериш пайтида бу таклиф бутунлай йўққа чиқади. Баъзан бу таклиф қабул қилинган, лекин қамоқхоналарда ғалаён кўтарилган, ҳақиқий ғалаён, жаноб Моррисон. Тасаввур қиласизми?
— Бунинг менга қизиғи йўқ.
— Яхшилаб эътибор беринг! Бирор кишини қамоққа ташлашганида уни жинсий алоқа, спиртли ичимлик ичиш, сиёсий фаолият билан шуғулланиш, саёҳат қилиш имкониятларидан маҳрум қилишади. Ва ҳеч қандай исён кўтарилмайди. Лекин маҳбусларга сигарет чекишни таъқиқласангиз - ба-бах! - Донатти ўз фикрини баён этиш мақсадида столга мушт урди.
— Келинг, даволашни бошлайлик.
— Бир дақиқа. Илтимос, бу ёққа юринг. - Донатти ўрнидан туриб яшил пардани сурди. Туйнук ортида бўм-бўш хона бор эди. Йўқ, бўш эмас экан. Бурчакда бир қуён товоққа солинган сабзавотни кавшарди.
— Чиройли қуён экан, - деди Моррисон.
— Фикрингизга қўшиламан. Уни кузатиб туринг. - Донатти токчадаги тугмани босди - қуён овқатланишдан тўхтади ва сакраб тушди. У оёқлари ерга теккач, янада баландроқ сакради ва хона бўйлаб югура бошлади.
— Бас қилинг! Уни ток уриб ўлдиради-ку!

Донатти тугмани қўйиб юборди:
— Нима деяпсиз, бу жуда кучсиз ток. Қуёнга қаранг, жаноб Моррисон.

У товоқдан уч метр нарида турарди.
— Агар у овқатланаётганда ток ураверса, жонивор бир нарсани тушуниб етади: овқатланиш - оғриқ. Демак, қуён овқат емай қўяди. Уни бир неча марта ток урса, қуён овқат тўла товоқ ёнида очликдан жон беради. Бу воз кечдириш йўли билан тарбиялаш деб аталади.

Моррисоннинг ранги оқариб кетди, у эшик томон йўл олди.
— Бўлди, керак эмас, катта раҳмат.
— Тўхтанг, жаноб Моррисон.

Моррисон эшик тутқичидан тортди... эшик қулфлоғлиқ эди.
— Очинг.
— Жаноб Моррисон! Илтимос, ўтиринг!
— Эшикни очинг, акс ҳолда полиция чақираман.
— Ўтиринг, - деди Донатти совуқ оҳангда.

Моррисон Донаттининг қўрқинчли кўзларига қаради ва ўйлади: «Ё, Худойим, мен телба киши билан бир хонада қолдим». У лабларини ялади. Умрида унинг бунчалик чеккиси келмаганди.
— Мен сизга даволаш курси ҳақида батафсил гапириб бераман, - деди Донатти. 
— Тушунмадингиз, - эътироз билдирди Моррисон сохта хотиржамлик билан. - Менга курсингиз керак эмас. Мен ундан воз кечаман.
— Йўқ, жаноб Моррисон, сиз тушунмадингиз. Энди бошқа иложингиз йўқ. Даволаш курси бошланди, деганимда сизни алдамагандим. Ҳаммасини тушунганга ўхшагандингиз.
— Сиз ақлдан озгансиз, - деди Моррисон.
— Йўқ, мен амалиётчи одамман.
— Қани бошланг, - деди Моррисон. - Фақат билиб қўйинг, бу ердан чиқишим биланоқ беш қути сигарет сотиб оламан ва уларни полиция маҳкамасига боргунимча чекиб тугатаман.
— Ўзингиз биласиз. Лекин сизга ҳаммасини тушунтирганимдан сўнг фикрингизни ўзгартирасиз, деб ўйлайман.

Моррисон жим бўлиб қолди, стулга ўтириб қўлларини чалиштирди.
— Даволаш курсининг дастлабки ойида одамларимиз доимий равишда сизни кузатиб юришади, - тушунтирди Донатти. - Сиз уларнинг айримларини сезасиз, лекин ҳаммасини эмас. Сизни тўхтовсиз кузатиб туришади. Доимий равишда. Агар чекканингизни кўриб қолишса, бу ерга қўнғироқ қилишади.
— Мени бу ерга олиб келиб қуённинг ўрнига ўтқазишади. - Моррисон пичинг қилди, лекин қўрқувга тушди. Бу худди даҳшатли тушга ўхшарди.
— Йўқ, - жавоб қайтарди Донатти. - Қуённинг ўрнига сизни эмас, хотинингизни ўтқазишади.

Моррисон унга анграйиб қаради.

Донатти илжайди.
— Сиз эса туйнукдан қараб турасиз.

Суҳбат тугагач, Моррисон қандай қилиб йўл босганини билмади. Ҳаво жуда яхши эди; лекин у буни сезмасди. Донаттининг илжайган қиёфаси унинг кўз олдини тўсиб қўйганди.
— Тушунинг, - деганди у, - амалий иш амалий қарорни талаб қилади, биз фақат сизнинг манфаатингизни ўйлаймиз.

Донаттининг айтишича, «Чекишни ташланг» корпоратсиясига (хайрия ташкилотига ўхшаган) суратда тасвирланган киши асос солган экан. У автомат ўйинлар, массаж хоналари, яширин лотереялар билан шуғулланган. Бу киши, Уч бармоқ лақабли Морт Минелли ашаддий кашанда бўлган - кунига уч қути сигарет чеккан. Унинг қўлидаги қоғоз - шифокорларнинг сўнгги хулосаси: ўпка раки. Морт барча бойлигини «Чекишни ташланг» корпоратсиясига васият қилиб, 1970 йилда вафот этган.
— Молиявий ишларни иложи борича силлиқ олиб боришга ҳаракат қиламиз. - деганди Донатти, - лекин биз одамларга ёрдам беришдан кўпроқ манфаатдормиз. Албатта, бу хайрли ишимиз солиқ тўлашда бизга қўл келади.

Даволаш курси даҳшатли даражада оддий эди. Биринчи марта қоида бузилса - Синдини Донатти айтган «қуёнхона»га олиб келишади. Иккинчи марта бўлса - Моррисоннинг ўзи ҳам жазоланади. Учинчисида - уларнинг иккаласи биргаликда ток остига қўйилишади. Тўртинчи марта қоида бузилиши янада қаттиқроқ жазога олиб келади. Элвин ўқиётган мактабга бир киши бориб уни дўппослайди.
— Тасаввур қилинг, - деди жилмайиб Донатти, - ўғлингиз қай аҳволга тушади. У нима бўлаётганини тушунмайди. Фақат, дадаси ёмонлиги учун калтакланаётганини билади, холос.
— Аблаҳ, - деди Моррисон, у йиғлаб юборишга тайёр эди, - лаънати аблаҳ.
— Мени тўғри тушунинг, - деди Донатти. - Бундай бўлмаслигига ишонаман. Мижозларимизнинг қирқ фоизига жазо қўлламаймиз ва фақат ўн фоиз мижозларимиз қоидани уч мартадан ортиқ бузадилар. Бу рақамлар сизни тинчлантирса керак?

Моррисон бунда ўзини тинчлантирадиган ҳеч нарса кўрмади. У даҳшатга тушганди.
— Агар беш марта қоида бузсангиз...
— Нима демоқчисиз?

Донатти илжайди:
— Сиз билан хотинингиз қуёнхонага, ўғлингиз иккинчи марта, хотинингиз эса биринчи марта калтакланади.

Фазабдан ақлини йўқотган Моррисон стол устидан Донаттига ташланди.

Донатти эса стули билан орқага сурилди ва иккала оёғи билан Моррисоннинг қорнига тепди. Моррисон ортига учиб кетди.
— Ўтиринг, жаноб Моррисон, - деди Донатти, - келинг, ақлли одамлардек гаплашиб олайлик.

Моррисон ҳансираганича унга бўйсунди. Бу қўрқинчли туш қачондир тугар, ахир?

«Чекишни ташланг» корпоратсиясида ўн босқичли жазо тури бор, деганди Донатти. Олти, етти, саккиз марта қоида бузилса - ток кучи ошади, дўппослашлар тобора даҳшатли тус олади. Агар Моррисон тўққизинчи марта чекса, унинг ўғлининг қўлларини синдиришади.
— Ўнинчи марта бўлса-чи? - сўради Моррисон. Унинг томоғи қуриб қолганди.

Донатти маъюс бош чайқади:
— У ҳолда биз таслим бўламиз. Сиз икки фоиз тузалмайдиган мижозлар рўйхатига кирасиз.
— Ростдан таслим бўласизларми?
— Шунақа деса ҳам бўлади. - Донатти ғаладонни очди ва стол устига 45-калибрли «колт» тўппончасини қўйди. - Лекин ана шу икки фоиз тузалмаслар ҳам қайтиб ҳеч қачон чекишмайди. Бунга кафолат берамиз.

Кечқурун телевизорда Синди ёқтирадиган «Булмат» филми бўлаётганди. Моррисон бир соат давомида минғирлаб, типирчилаб ўтирди.

Синди кинони бемалол кўра олмади.
— Сенга нима бўляпти? - сўради у.
— Ҳеч нарса... - деди Моррисон. - Мен чекишни ташладим.

Синди кулди:
— Қачон? Беш дақиқа олдинми?
— Соат учдан бери.
— Ўшандан бери чекканинг йўқми?
— Йўқ.
— Зўр-ку. Чекишни ташлашингга нима мажбур қилди?
— Мен сени ўйладим... Элвинни.

Синдининг кўзлари катта-катта очилди. Дик ўғли ҳақида камдан-кам гапирарди. У бўм-бўш кулдонга қаради.
— Ростдан ҳам чекишни ташламоқчимисан, Дик?
— Ростдан. Агар полицияга мурожаат қилсам, безорилар сени дўппослашади, Синди.
— Агар чексанг ҳам барибир биз Элвин билан ғамхўрлигингдан миннатдор бўламиз.
— Қайтиб чекмайман, деб ўйлайман, - деди Моррисон ва унинг қорнига тепаётган Донаттининг-қотилнинг хира кўзларини ўйлади.

У кечқурун ухлай олмади, кечаси учда эса туриб олди. Моррисоннинг чеккиси келаётганди. У пастга тушиб, хонасига кирди. Бу хонанинг деразалари йўқ эди. Моррисон столи ғаладонини очиб, сигарет қутисини олди, атрофга аланглаб, лабларини ялади.

Биринчи ой давомида доимий кузатувда бўласиз, деганди Донатти. Кейин эса икки ой давомида уни кунига ўн саккиз соатдан кузатишади. Тўртинчи ойда (айнан ўшанда аксарият мижозлар яна чека бошлашади) яна кунига йигирма тўрт соат давомида кузатув олиб борилади. Кейин йилнинг охиригача кунига ўн икки соатлик кузатув. Кейин-чи? Умрининг охиригача ҳар қандай пайтда кузатув бошланиши мумкин.

Умрининг охиригача.
— Сизни ҳар икки ойда текширишимиз мумкин, - деганди Донатти. - Ёки кун ора. Ё бўлмаса, ҳар икки йилда бир ҳафталик кузатув ташкил қиламиз. Ҳамма гап шундаки, Сиз буни билмайсиз. Агар чексангиз, биз билан ўйнашаётган бўласиз. Улар кузатяптими ёки йўқми? Хотинимни олиб кетишдими ёки ўғлимни дўппослагани одам жўнатишдими? Зўр-а, тўғрими? Яширинча сигарет чексангиз ҳам ундан ўғлингизнинг қони таъми келиб туради.

Лекин ҳозир тун қоронғусида, улар уни бу хонада кузата олишмайди. Уй худди қабристондек жимжит эди.

У икки дақиқача сигарет қутисидан кўз узолмай турди, сўнг эшик олдига бориб бўм-бўш йўлакка қаради, ортига қайтиб, яна сигаретга тикилди. У қайтиб сигарет чекмаслигини тасаввур қилди. Энди у қандай қилиб мижозлар билан қўлида сигаретсиз гаплашади? Синдининг гулларига сигарет чекмасдан қандай чидайди? Қандай қилиб кунни эрта тонгда сигарет чекмасдан бошлайди?

Моррисон бу нарсага аралашиб қолгани учун ўзини, Донаттини лаънатлади, энг даҳшатли лаънат ўқлари эса Жимми Маккеннга қаратилганди. У нима учун бундай қилди! Итвачча, ҳаммасини билар экан-ку! Хоин Маккенннинг томоғидан бўғиш истагидан Моррисоннинг қўллари қалтираб кетди.

У яна хона ичига аланглади, сигаретни қўлига олиб уни силади, лабига қистирди ва қотиб қолди.

Шкаф ичида қандайдир шитирлаган товуш эшитилдими? Йўқ, шекилли. Лекин...

Унинг кўз олдида яна бир манзара намоён бўлди: электр токи зарбидан сакраётган қуён. Бу хонада унинг ўрнида Синди бўлиши мумкин...

Унинг бутун вужуди қулоққа айланди. Моррисон шкафни очмоқчи бўлди, лекин унинг ичида бирортаси бўлиши мумкинлигини ўйлаб қўрқди. У жойига кириб ётди, лекин анчагача ухлай олмади.

Эрталаб ўзини ёмон ҳис қилишига қарамасдан, нонушта Моррисонга жуда ёқди. Бир оз ўйлангач, у яна битта қовурилган тухумни паққос туширди. Синди пастга тушганида, у товани юваётганди.
— Ричард Моррисон! Охирги марта итимиз кучуклик пайтида нонуштада тухум егандинг.

Моррисон нимадир деб тўнғиллади.
— Чекиб бўлгандирсан? - сўради хотини.
— Йўқ.
— Туш пайтига бориб чекасан, - деди Синди қувноқлик билан.
— Зўр ёрдамчи экансан, - ўшқирди Моррисон хотинига. - Сиз чекмайдиганлар ўйлайсизларки... ҳа, майли.
— Сен ростдан ҳам чекишни ташламоқчимисан?
— Албатта. Бунинг қанчалик жиддий эканлигини ҳеч қачон билмайсан, деб умид қиламан.
— Бечора, - деди хотини. - Сен тирик мурдага ўхшаб қолдинг.

Моррисон уни бағрига маҳкам босди.

Ричард Моррисон ҳаётидан лавҳалар; октябр-ноябр: Моррисон «Ларкин студиос»да ишлайдиган оғайниси билан Жек Демпсининг барида. Оғайниси Моррисонга сигарет узатади, у рад этади:
— Мен чекишни ташладим.

Оғайниси кулади:
— Кўпи билан бир ҳафта чидайсан.

Моррисон автобус кутаётиб кўк костюм кийган йигитга кўзи тушади. У бу йигитни деярли ҳар куни ва турли жойларда кўради: Онди барида, Сем Гудининг мусиқа дўконида. Бир куни Дик уни ўзи голф ўйнаётган майдонда ҳам кўриб қолди.

Моррисон меҳмондорчиликларда ичади - жудаям чеккиси келади! - лекин бунга қўл урадиган даражада маст бўлмайди.

У ўғлини кўргани боради, унга копток совға қилади. Элвин оғзидан суви оқиб уни ўпганида у илгаригидек жирканмайди. Моррисон ўғлини қучоқлайди ва Донаттилар компанияси бир нарсани жуда яхши англаганини тушунади: севги - энг кучли афюн. Хаёлпарастлар унинг бор-йўқлиги ҳақида баҳслашаверишсин. Амалиётчи одамлар ундан ўз мақсадлари йўлида фойдаланишади.

Моррисон аста-секин тамакига бўлган жисмоний эҳтиёжидан қутулади, лекин руҳий эҳтиёжидан қутула олмайди. Шунинг учун доим оғзига йўталга қарши дори, қанд ёки сигарет ўрнини босувчи бирор нарса солиб юради.

Бир куни Моррисон «Мидтаун» туннелида автомобил тиқинига дуч келди. Қоронғилик. Машиналар тўхтовсиз сигнал чалишар, атроф тутун ҳидига тўлиб кетганди. Моррисон қўққисдан машина ичидаги қутичани очиб, унинг ичида турган сигарет қутисини кўриб қолди. Сигарет қутисига бирпас қараб туриб, ичидан сигарет олди-да туташтирди. Агар бирор нарса бўлса, бунга Синдининг ўзи сабабчи, деди у ўзига ўзи. Жин ургур, унга ҳамма сигаретларни ташлаб юбор, дегандим-ку.

Сигаретни ичига бир тортганди - қаттиқ йўтал тутди. Иккинчи тортишда кўзидан ёш чиқиб кетди, учинчисида - боши айланди. Намунча аччиқ, ўйлади Моррисон.

Бирдан унинг миясига бошқа фикр келди: Э, Худойим, нима қиляпман?

Орқада тўхтовсиз сигнал чалинарди. Олдиндаги машиналар юра бошлади. Моррисон сигаретни ўчириб, машина ойналарини очди ва қўллари билан тутунни ҳайдай бошлади.

У тиқиндан зўрға чиқиб уйига келди.
— Синди, мен келдим, - деди у.

Жимжитлик.
— Синди? Азизам, қаердасан?

Телефон жиринглади, Моррисон шошиб гўшакни кўтарди:
— Синди? Қаердасан?
— Салом, жаноб Моррисон, - деди Донатти ёқимли, тетик овозда. - Биз бир масалани кўриб чиқишимиз керакка ўхшайди. Соат бешда олдимга кела оласизми?
— Хотиним сизлардами?
— Шунақа, - жавоб қайтарди Донатти.
— Уни қўйиб юборинглар, - бидирлади Моррисон, - бошқа бундай қилмайман. Ўзимни тутолмай қолдим. Бор-йўғи уч марта тортдим. Худо ҳаққи, ҳаттоки чекиш менга ёқмади.
— Минг афсус. Демак, соат бешда келасиз?
— Илтимос, - деди Моррисон. У йиғлаб юборай деди, - ўтинаман... 

Лекин Донатти гўшакни қўйиб қўйганди.

Соат бешда қабулхонада Моррисоннинг девордек оқариб кетганига эътибор бермай унга жилмайган котибадан бошқа ҳеч ким йўқ эди.
— Жаноб Донатти? - деди у тугмани босиб. - Жаноб Моррисон келди. - У Моррисонга бош ирғади. - Кираверинг.

Донатти уни эшик олдида «жилмайинг» деган ёзувли майка кийган ва қўлига 38-калибрли револвер тутган бир барзанги билан кутиб турарди.
— Менга қаранг, - деди Моррисон, - келишишимиз мумкин. Сизларга пул тўлайман. Мен...
— Овозингни ўчир, - деди майкали киши.
— Сизни кўрганимдан хурсандман, - деди Донатти. - Учрашувимиз шундай қайғули ҳолатда кечаётганидан афсусдаман. Мен билан юринг. Тезроқ тугатамиз. Хотиржам бўлинг: хотинингизга ҳеч нарса қилмайди... бу сафарча.

Моррисон Донаттига ташланмоқчи бўлди.
— Хаёлингизга ҳам келтирманг, - деди у. - Агар шундай қилсангиз, мана бу киши револвер билан бошингизга солади, хотинингизни эса барибир ток билан уришади. Бундан сизга нима фойда?
— Тил тортмай ўлгин, - деди Моррисон Донаттига қараб.
— Агар мана шундай тилаклар учун беш тсентдан олганимда эди, аллақачон нафақага чиқсам бўларди. Бу сизга сабоқ бўлади, жаноб Моррисон. Юринг.

Барзанги уни револвер билан ниқтади.

Хонага биринчи бўлиб Моррисон кирди ва ҳайкалдек қотиб қолди. Яшил парда суриб қўйилганди. Барзанги уни револвер билан туртди. Моррисон туйнукдан мўралади ва талмовсираб турган Синдини кўрди.
— Синди, - деди у, - Синди, улар...
— У сизни кўрмайдиям, эшитмайдиям, - деди Донатти. - Келинг, тезроқ тугатайлик. Гуноҳингиз унча оғир эмас - ўттиз сония етади, деб ўйлайман.

Барзанги бир қўли билан тугмани босди, иккинчи қўлидаги револверни Моррисоннинг биқинига тиради.

Бу унинг ҳаётидаги энг узоқ ўттиз сония эди. Жазолаш тугагач, Донатти Моррисоннинг елкасига қўлини қўйди ва сўради:
— Кўнглингиз айнимаяптими?
— Йўқ, - деди Моррисон зўрға ва деворга суяниб қолди - унинг оёқлари қалтирарди.
— Мен билан юринг, - деди Донатти.
— Қаёққа? - сўради Моррисон.
— Хотинингизга бирон нарса дерсиз?
— Унинг кўзига қандай қарайман. Унга қандай айтаман?

Хонада дивандан бошқа ҳеч нарса йўқ эди. Унда Синди йиғлаб ётарди.
— Синди, - деди Моррисон.

Хотини йиғидан қизариб кетган кўзларини унга тикди.
— Дик, - пичирлади Синди, - Дик? Э, Худойим... Икки киши... Уйимизда... Уларни ўғри деб ўйлабман, улар эса кўзимни боғлаб бу ерга олиб келишди.
— Ўзингни бос.
— Лекин нима учун? - сўради хотини. - Улар нима учун..
— Ҳаммаси мени деб бўлди. Сенга бир нарсани айтишим керак.

У ҳикоясини тугатиб, бирпас жим бўлиб қолди ва деди:
— Сен мендан нафратланаётган бўлсанг керак?

Моррисон ерга қаради. Синди унинг юзига кафтини қўйди ва ўзига қаратди:
— Йўқ. Кетдик уйга.

Бир ҳафтадан кейин кечки пайт телефон жиринглади ва Донаттининг овозини таниган Моррисон деди:
— Одамларингиз адашишибди. Мен қўлимга сигарет ушлаганим йўқ.
— Буни биламиз. Сўнгги масалани келишиб олишимиз лозим. Эртага кечки пайт кела оласизми?
— Бу...
— Қўрқманг. Айтганча, лавозимингиз кўтарилгани билан табриклайман.
— Буни қаердан биласиз?
— Ҳисоб-китоб ишларини юритамиз, - деди Донатти ва гўшакни қўйди.

Улар хонага киришгач, Донатти деди:
— Нега асабийлашяпсиз? Сизни ҳеч ким тишлаб олмайди. Бу ёққа келинг.

Моррисон яқин келди ва ерда оддий тарозини кўрди.
— Мен сал семирдим...
— Ҳа, ҳа, ҳа. Етмиш уч фоиз мижозларимизда бу ҳолат ҳам кузатилади. Марҳамат, тарозига чиқинг.

Тарози етмиш тўққиз килони кўрсатди.
— Яхши, тарозидан тушишингиз мумкин. Бўйингиз қанча, жаноб Моррисон?
— Бир метру етмиш тўққиз сантиметр.
— Қани, - Донатти чўнтагидан қоғоз чиқарди. - Жуда зўр. ҳозир сизга семиришга қарши дорилар рўйхатини ёзиб бераман. Уларни камдан-кам ичинг. Сизнинг оғирлигингиз кўпи билан... - У яна бир марта қоғозга қаради. - Саксон уч кило бўлади. Бугун биринчи декабр, демак, ҳар ойнинг биринчи кунида вазнингизни тортиб кўрамиз.
— Агар саксон уч килодан оғир бўлсам нима бўлади?

Донатти жилмайди:
— Одамларимиздан бири уйингизга бориб хотинингизнинг жимжилоқ бармоғини қирқиб келади. Саломат бўлинг, жаноб Моррисон.

Орадан саккиз ой ўтди.

Моррисон Жек Демпси барида «Ларкин студиос»да ишлайдиган оғайнисини кўриб қолди. Моррисон спорт билан шуғулланаётган, кўриниши зўр эди.
— Қандай қилиб чекишни ташладинг? - сўради оғайниси. 

Моррисон унга маъноли қаради, чўнтагидан ташриф варақасини чиқарди.
— Биласанми, - деди у, - мана шу компания ҳаётимни ўзгартириб юборди.

Орадан бир йил ўтди.

Моррисон почта орқали тўлов қоғози олди:

«Чекишни ташланг» корпорацияси

237 Ист, Қирқ олтинчи кўча,

Ню Ёрк, Ню Ёрк штати, 10017

Даволаш курси - 2500 доллар

Мутахассис хизмати (доктор Донатти) - 2500 доллар

Электр харажати - 50 тсент

Жами - 5000 доллар 50 тсент.
— Итваччалар! - бақирди у. – Сени қийнашган электрни ҳам ҳисобга киритишибди.
— Тўлай қол, - деди хотини.

Орадан яна саккиз ой ўтди.

Моррисон ва Синди «Хелен Хейс» театрида Жимми Маккенни хотини билан кўриб қолишди. Улар сўрашишди. Жиммининг кўриниши илгаригидан ҳам яхши эди. Моррисон унинг хотинини энди кўраётганди. Моррисон у билан қўл бериб сўрашди. Аёлнинг қўл қисиши ғалати эди. Фақат бир оздан кейин Моррисон бунинг сабабини тушунди. Маккеннинг хотинининг ўнг қўлидаги жимжилоқ бармоғи йўқ эди...