OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифСуйима Ғаниева
Асар номиКўнгил шамчироғи
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Публицистика
Муаллифлар
   - Суйима Ғаниева
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Очиқ хатлар ва мактублар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм16KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2014/03/31
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


Нашр белгилари
«Ёшлик» журналининг 2012 йил 1-сонидан олинди


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Кўнгил шамчироғи
Суйима Ғаниева

Адабиётга қизиқиш болалигимдан бошланган десам бир оз муболаға қилган бўламан. Тўғри, ёшлигимда хаёлпарастлик одатларим бор эди. Аммо адабиётга бўлган чинакам ихлос талабалик йилларида сезилди. Ўқитувчиларимиз тавсияси билан шеър ёдлаш ва ифодали ўқиш машғулотлари менда шеъриятга, хусусан, мумтоз адабиётга ҳавас уйғотди. Мумтоз адабиётни англаганим сари ҳайратим, қизиқишим ортаверди ва мени адабиёт бутунлай ром этиб қўйди.

Мен 1956 йили Ленинград Давлат университетида номзодлик диссертациясини ёқладим. Ўшанда диссертациямнинг автореферати китоб ҳолида чоп этилди. Илк марта қўлимга олган бу китоб мен учун жуда қадрли эди. Эсимда, бу китобимни айнан туғилган кунимда қўлимга олган эдим. Бу менинг ўз-ўзимга совғам эди.

1961 йил Алишер Навоийнинг «Мажолис ун-нафоис» асарининг илмий-танқидий матни (араб ёзувида) каттагина сўзбоши билан нашр этилди. Шунда Москва, Ленинград, Эрон, Афғонистон, Туркия олимлари бу китобга жуда катта қизиқиш билдирди ва иложи бўлса юборишимизни сўрадилар. Бу каби эътирофлардан кейин менда шу асарни рус тилига таржима қилиш орзуси пайдо бўлди. Ленинградлик олим, илмий устозим Александр Николаевич Болдиревга бу ҳақда хат ёздим. Устоз бундан беҳад хурсанд бўлди ва оқ фотиҳа бердилар. Мен зудлик билан ишга киришдим ва қисқа фурсатларда таржимани якунладим. Бу таржима 1970 йилда Алишер Навоийнинг рус тилидаги 10 томлигининг 9-томида нашр қилинди. Бу ҳам менинг ижоддаги улкан ютуқларимдан бири эди.

Кейинчалик «Мажолис ун-нафоис» ҳақида ўзбек, рус, инглиз, форс, олмон, француз тилларида элликка яқин мақолам чоп этилди. Бир қатор хорижий мамлакатларда ўтказилган халқаро анжуманларда маърузалар қилдим. Аммо бу асар ҳақидаги тадқиқотларим кейинчалик ҳам давом этди. «Мажолис ун-нафоис»нинг икки форсий таржимаси 1945 йилда Эронда нашр қилинган. Британия музейида ҳам яна бир форсий таржимаси сақланар экан. Мен бунинг микрофилмини олишга муваффақ бўлдим. Ҳозир Мадрасда ва Теҳронда сақланаётган яна икки форсий таржимасига эришиш умидидаман.

«Мажолис ун-нафоис»нинг матни Алишер Навоий асарларининг 15 томлигида ўн иккинчи томдан, 20 томлигида изоҳлари билан ўн учинчи томдан ўрин олган. Яқинда Республикамизнинг 20 йиллигига совға қилинган Навоийнинг мукаммал асарлари 10 жилдга жамланиб, унинг тўққизинчи жилдидан ўрин олди. Бу хайрли ишларда менинг ҳам ўзига хос иштироким борлигидан беҳад мамнунман.

1962 йилда «Навоий ҳаёти ва ижоди» деб номланган китобим чиқди. Кейинчалик, 1968 йилда бу китоб қайта ишланиб, тўлдирилган ҳолда чоп этилди. Шу кунларда эса яна янги нашри кутилмоқда.

Умрим не-не улуғ зотларнинг бебаҳо меросларини варақлаш билан ўтди. Мен бу билан ҳар қанча фахрлансам арзийди. Ижодий фаолиятим давомида турли хил мавзуларда беш юздан ортиқ мақола эълон қилдим. Ўнлаб матн, йигирмага яқин таржималар ва рисолаларим чоп этилди. Оддий мисол: «Калила ва Димна» шу пайтгача олти марта нашр қилинди.

1991 йил Эроннинг Теҳрон шаҳрида жойлашган «Кохи Гулистон» музейида сақланаётган Навоийнинг ўз қўли билан ёзилган «Наводир ун-ниҳол» девонини тўрт тилда: ўзбек, рус, инглиз ва форс тилларида ёзилган сўз боши билан нашр этишга муваффақ бўлдим. Бу иш адабий ҳаётимизда ҳам, шахсий ҳаётимда ҳам энг қувончли воқеа бўлди. Ҳазратнинг ёшларимиз маънавиятини шакллантиришда муҳим асар ҳисобланган «Сирож ул-муслимин» 1990 йилда, ҳаёти сўнггида ёзган «Муножот»и 1991 йилда биринчи бўлиб севимли журналимиз «Ёшлик»да нашр этилгани мени беҳад шод қилган эди.

Адабиётдаги ютуқларимда талабаликда сабоқ берган устозларимнинг ҳиссаси беқиёс. Биз талабалар Шарқшунослик институтида урушдан кейинги анчайин оғир йилларда сабоқ олдик. У пайтларда институтларда дарсхоналар, стол-стуллар етишмас эди. Бунинг устига қишда аудиторияларнинг совуқлигидан тузук ўқий олмасдик. Янги ўқув йили бошланиши билан талабалар пахта майдонларига сафарбар этилар эди. Айни илм ўрганадиган пайтда уч ойлаб пахтазорларда сарсон-саргардон бўлардик. Мен бу гапларни бугунги талаба ёшларимиз яратиб қўйилган шарт-шароитларнинг қадрига ецин деб айтиб қўймоқдаман.

Дарҳақиқат, ўрни келганда бизларга таълим-тарбия берган улуғ устозларимнинг номларини бир эслаб қўйсам: А.Ҳамроев, С.Мирзаев, Б.Холидов, Н.А.Семенов, А.Муталлибов, Н.Ф.Солодовникова, В.Д.Шиллер. А.К.Аренда, И.Ф.Левицкий, Н.Халфин, О.Умаров, Г.А.Бондоревский ва бошқалар... Бу зотлар ўз касбининг ҳақиқий фидойилари эдилар.

Эсимда, 1950 йил Ленинград университетидан келган Александр Николаевич Болдирев институтимизнинг Шарқ факултети 3 ва 4-курс талабаларига «Форс мумтоз адабиёти»дан бир ой дарс бердилар. Домланинг форсий шеърларни гўзал талаффуз билан ўқишлари ҳаммамизда катта таассурот қолдирди. Жумладан, устознинг сабоқлари менинг ҳам кўнглимда бир умр муҳрланиб қолди. Кейинчалик тақдир тақозоси билан Ленинград университетига аспирантурага борганимда шу домла илмий ишимга раҳбар бўлдилар. Диссертация мавзуси «Мажолис ун-нафоис» асарининг илмий-танқидий матни ва адабий манба сифатида ўрганиш масаласи эди. Бу мавзу Александр Болдиревга ҳам жуда маъқул келган эди.

Хуллас, мен энди Навоий асарларини жиддий мутолаа қилишга киришдим. 1956 йилнинг бошлари эди. Домла жадаллик билан диссертацияни тугатишим зарурлигини, Навоий туғилган куни илмий ишим муҳокамага қўйилишини айтди. Мен ишни охирига етказолмай қолишдан хавотирда эканимни айтганимда, устоз бир ажиб гап айтдилар: «Бизлар ҳар йили, ҳатто Ленинградда даҳшатли уруш кетаётган пайтларда ҳам Навоийнинг таваллуд кунини катта-катта анжуманлар, навоийхонликлар билан ўтказиб келганмиз. Бу йил ҳам худди шундай бўлади. Сизнинг илмий ишингиз муҳокамаси ҳазратнинг туғилган кунига гўзал совға бўлади».

Бу гаплар менинг ғайратимга ғайрат қўшди. Қолаверса, ишимни ҳазратнинг таваллуд кунлари муносабати билан ҳимояга қўйсам вақтдан ютар эканман. Чунки илмий ишлар муҳокамаси навбатга кўра белгиланар экан. Менинг навбатим эса бир ярим йилдан сўнг келаркан.

Натижа шу бўлдики, 1956 йилнинг 22 феврал куни академик илмий кенгашида номзодлик ишимни ҳимоя қилдим. Оппонентларим академик А.Н.Кононов, доцент Г.Костиговалар эди. Ўша куни сўзга чиққан олимларнинг Навоий сиймосига, унинг ижодига бўлган таважжуҳ ва ҳурматлари йиғилганларда катта таассурот қолдирди.

Дарҳақиқат, донишмандлар айтганидек, илм, ўқиш ва ўрганиш бизни бой ўтмишимизнинг маънавий ворисларига айлантиради. Илм, китоб кўнгил шамчироғидир. Бу ҳақиқатни ҳеч қачон унутмаслигимиз керак. Фарзандлар таълим-тарбияси фақат давлат иши эмас, бу оила уҳдаси ҳамдир. Болаларимиз ўз аждодлари қолдирган маънавий меросларни билишлари керак. Бунинг учун эса улар китоб билан дўст бўлишлари лозим бўлади. Зеро, аҳли илмлар айтганидек: «Китоблар қалбни ёритади, инсонни юксакликка кўтаради. Энг яхши орзу-истакларни уйғотади, ақлни чархлайди».

Яратганга минг шукурки, бутун умрим илм ичида ўтмоқда. Икки қиз, бир ўғилни тарбиялаб вояга етказдим. Уларнинг бири биохимик, бири тиш доктори, бири қурувчи бўлди. Олти нафар неварамнинг учтаси олий маълумотли, магистратурани тугатди. Яна олти нафар эварам бор. Болаларим менинг соҳамга қизиқишмади. Аммо илмда ҳамжиҳатмиз. Фарзандларим – катта бахтим. Яна бир бахтим – яхши муҳитда, яхши ҳамкасблар билан ишладим. Бир жиҳатдан улар, қолаверса, улуғлар руҳияти мададкор бўлиб, шундай фаровон кунларга етиб келдим.

Таҳририятдан

Инсон учун бошқалар уқтирган ҳақиқатлардан кўра ўзи англаганлари қадрлироқ бўлади. Бироқ бу ҳақиқатларни қўлга киритиш анчайин машаққатли. Бу йўл инсондан фидойиликни талаб этади.

Адабиёцҳунос олим, профессор Суйима Ғаниева ана шундай заҳматкаш ижодкорларимиздан биридир. У узоқ йиллик илмий изланишлари орқали ўзбек ўқувчисига мумтоз адабиётимизнинг буюк вакилларини таништиришдек масъулиятли ишда жонбозлик қилди. Бу йўлда ўнлаб рисолалар нашр этди.

Маълумки, буюк аждодларимиз ўзларининг ижодий мерослари билан жуда катта панд- насиҳат мактабини яратдилар. Энг қадимий ёзма ёдгорликлар саналмиш битиктошларни оламизми, Юсуф Xос Xожибнинг « Қутадғу билиг» достонини оламизми, Аҳмад Югнакийнинг «Ҳибатул ҳақойиқ» номли беназир асарини мисол қилиб келтирамизми, буларнинг ҳар бири бадиий тафаккур ва инсоний фазилатларнинг ўзаро уйғунлигидан ташкил топган. Алишер Навоий асарлари эса бу тоифага мансуб асарларнинг энг сараларидир. Таъбир жоиз бўлса, ҳазратнинг асарлари шарқ шеърияти оламининг завол билмас чечакларидир. Токи, оламда сўз қадрини англагувчи инсонлар бор экан, ҳар бир авлод бу чечакларнинг янгича ифорини кашф этади.

Атоқли олима Суйима Ғаниева ўз ижодий фаолияти давомида ҳазрат Навоийнинг беназир ишқномаларини ўзига хос тарзда тадқиқ этиб келмоқда. Шу кунларда Суйима Ғаниева ўзларининг муборак 80 ёшини қаршилади. Ҳурматли олимамизни ана шу қутлуғ айём билан барча адабиёцеварлар номидан муборакбод этамиз.