OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

1 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифТадеуш Доленга-Мостович
Асар номиМуттаҳамнинг парвози (I- қисм)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Жаҳон/Полша адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Тадеуш Доленга-Мостович
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Романлар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
НашриётҒафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, Тошкент, 1973; Қайта нашри, «Ўзбекистон» нашриёти, Тошкент, 1991
ТаржимонҲасан Тўрабеков (Русчадан)
Ҳажм372KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2014/04/25
Манбаhttp://forum.ziyouz.com/ind...


Аннотация
Оддай муттаҳам, ялқов ва калтабин Никодим Дизма Варшавага иш қидириб келади ва тасодиф туфайли йирик давлат арбоби бўлиб қолади.


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Муттаҳамнинг парвози (I- қисм)
Тадеуш Доленга-Мостович

1-боб

Ресторан хўжайини пианиночига қараб қўл силтаган эди, танго садолари дарҳол тинди. Танца тушаётган эркак билан аёл бўм-бўш залнинг ўртасида тўхтаб қолишди.
— Xўш, қалай? — дея сўради озғингииа малла соч жувон. Сўнгра шеригининг қучоғидан чиқди-да, столлардан бирининг четига омонатгина ўтирган семиз хўжайиннинг олдига келди.

Хўжайин унинг саволига жавобан елка қисиб қўя қолди.
— Ярамайдими? — бепарвогина сўради жувон.
— Қаёқда дейсиз! Ўзини тутишни мутлақо билмайди. Келишган бўлганида ҳам гўрга эди.

Ҳалиги эркак ҳам уларнинг ёнига келди.

Малла соч жувон унга диққат билан кўз югуртириб чиқди. Эгнидаги костюмининг анча оҳори тўкилгзн эркакнинг оғзи кичкина, ияги гўштдор бўлиб, тўкила бошлаган маллатоб сочларининг ўртасидан фарқи очиб таралган эди.
— Илгари ҳам бирор ерда танца тушганмисиз?
— Йўқ. Ҳа, айтгандай, тушганман. Фақат ўз ошналарим орасида, албатта. Улар танцага анча яхши тушасан, дейишарди.
— Қаерда танца тушган эдингиз? — лоқайдгина суриштирган бўлди хўжайин.

Танца бошқарувчиликка номзод бўлиб келган ҳалиги киши залга маъюс кўз югуртирди.
— Ўзимиз томонда, Лисковда тушган эдим. Бақалоқ кулиб юборди.
— Варшава сизга Лисков эмас, азизим. Биласизми, бу ерда дабдаба ва шукуҳ керак бўлади. Очиғини айта қолай: бизга тўғри кешмас экансиз, Яхшиси, ўзингизга бошқа иш қидириб топинг.

Шундай дея у орқасига ўгирилиб, буфет томон йўл олди. Малла соч жувон гардеробга қараб югурди. Пианиночи роялнинг қопқоғини ёпиб қўйди.

Омади чопмаган раққос шошилмай плашини қўлига ташлади-да, шляпасини бостириб кийиб, эшик томон йўл олди. Шу пайт унинг димоғига ошхонанинг иштаҳани қитиқловчи ҳиди урилди: ёнидан бутерброд тўла патнис кўтарганича дастёр бола югуриб ўтди.

Кўча қуёш нурларига ғарқ бўлганди. Пешин маҳали яқинлашмоқда эди. Ўткинчилар деярли кўринмасди. Дизма, оҳиста қадам ташлаганича Лазенкига жўнади. Пенкная муюлишига етгач, у тўхтаб, жилетининг чўнтагидан никель тангани олди.

«Охиргиси», — дея хаёлидан ўтказди у.

Сўнг папирос сотиладиган киоска ёнига келди.
— Иккита «Гран-при».

Дизма қайтимини санаб олди-да, беихтиёр йўлида давом этди ва трамвай бекати олдига бориб тўхтади. Ҳасса тутган аллақандай чол унга хира кўзларини тикиб турарди. Қўлида бир талай тугун ушлаган башанг бир хоним трамвайни кутар экан, йўлдан кўзини узмасди. Xонимдан сал нарида қўлтиғига китоб қистирган бир бола чидамсизлик билан питирлаб турарди. Унинг қўлтиғидаги нарса аслида китоб бўлмай, кул ранг полотнодан тикилган папка эди. Бола Дизмага орқа ўгирганида папканинг оғзида хатлар ва корреспонденция топширилгач, эгасидан қўл қўйдирилиб олинадиган бир даста квитанциялар кўринди.

Дизма болага қаради-ю, бир вақтлар нотариус Виндернинг ҳузурида хат ташувчи бўлиб хизмат қилганида ўзи ҳам шундан папка кўтариб юрганини эслади. У пайтлар ҳали уруш бошланмаган эди. Ўшандан кейин бир оз вақт ўтгач, Дизма Лисковда почта чиновниги бўлиб ишга ўтганди. Фақат нотариуснинг конвертлари ҳаво ранг бўлиб, боланинг папкасидаги конвертлар эса оқ эди.

Бекатга тўққизинчи трамвай келиб тўхтади. Бола трамвайнинг тўхташини кутиб ўтирмай, орқа эшикдан сакраб чиққан эди, папкаси тутқичга илиниб қолиб, хатлар сочилиб кетди.

«Шумтаканинг омади бор экан — бугун ер қуп-қуруқ», — дея хаёлидан ўтказди раққос, бола хатларни қандай териб олаётганини кузатар экан.

Трамвай жойидан қўзғалган эди, битта хат зинадан ерга учиб тушди. Дизма оқ конвертни олиб, узоқлашиб бораётган трамвай ортидан қўл силтади. Бироқ хатларни папкага жойлаш билан овора бўлиб қолган бола ҳеч нимани сезмади. Силлиқ қоғоздан ишланган конвертга қўл билан чиройли қилиб:

Пан раис Артур Раковецкийга
Маҳаллий Уяздовский хиёбони, 7.

деб ёзиб қўйилган эди.

Оғзи ёпилмаган конвертга икки букланган бежиримгина карточка жойлаб қўйилган экан. Карточканииг бир томонига француз тилида алланималар ёзилган бўлиб, иккинчи томонида, чамаси, худди ўша гапнинг ўзи поляк тилида баён этилганди:

«Министрлар Советининг раиси зўр мамнуният билан Сиз пан раис зоти олийларини Австрия республикасининг канцлери жаноби олийлари шарафига бериладиган банкетга ташриф буюришларини илтимос қиладилар. Банкет шу йилнинг 15 июль куни, кеч соат саккизда, Европа меҳмонхонасининг биринчи қаватидаги салонларда берилади».

Карточка пастига майда ҳарфлар билан: «Фрак, орденлар», деб ёзиб қўйилган эди.

Дизма адресни яна бир марта ўқиб чиқди: Уяздовский хиёбони, 7. Олиб бориб берса қандай бўларкин? Зора бир злотий беришса... Кел, ундан нима кетди, Еттинчи уй! Бу бир неча қадам нарида-ку, ахир.

Уйда турувчиларнинг рўйхатида «А. Раковецкий» фамилиясининг қаршисига: «кв. № 3, бельэтаж» деб ёзиб қўйилган эди.

Дизма зинадан юқори кўтарилди-да, бир неча марта қўнғироқ тугмасини босди. Бир оздан сўнг дарбон пайдо бўлиб, пан раиснинг чет элга кетганини айтди.
— Омад чопмаса шунақа бўлади ўзи!

Дизма елкасини қисди-да, қўлида хат билаи уйи томон жўнади.

Орадан қирқ минутча ўтгач, у Луцкая кўчасига етиб борди-да, ҳар қадамда ғичирлайдитан тахта зинадан бешинчи қаватга чиқиб, эшикни очди.

Ичкаридан Дизманинг димоғита гуп этиб қашшоқ хонадоннинг иси урилди: бу ерда пиёздоғнинг тотли ҳиди билан ҳўл йўргакнинг аччиқ ҳиди аралашиб кетганди. Бурчакдан аёл кишининг товуши эшитилди:
— Эшикни ёпсангиз-чи. Болани шамоллатиб қўясиз! Дизма алланима деб тўнғиллади-да, шляпасини ечиб, пальтосини девордаги михга илди ва дераза ёнига бориб ўтирди.
— Xўш, қалай? — сўради аёл. — Иш топдингизми?
— Ҳозирча йўқ.
— Эҳ, пан Дизма! Бу ерларда бекорга овора бўлиб юрибсиз. Сизга неча марта айтдим ахир! Қишлоқда ризқи рўзни топиш осонроқ бўлади. Эркакларнинг ҳаммаси шунақа ўзи.

Дизма индамади. Мана уч ой бўлибдики, Панская кўчасидаги «Фил» майхонаси ёпилганидан бери у ишсиз юрарди. Майхонада у ҳарқалай мандолина чалиб, кунига беш злотий ишларди. Бундан ташқари, у ерда кечки овқати ҳам текинга тушарди. Рост, меҳнат биржаси уни темир йўл узел қурилишига ишга юборди. Бироқ Дизма у ерда инженер билан ҳам, мастер ва ишчилар билан ҳам чиқиша олмади. Икки ҳафтадан сўнг уни ишдан бўшатиб юборишди. Лисковда эса...

Аёл ҳам, чамаси, шу ҳақда ўйларди.
— Пан Дизма, шундан кўра ўз юртингизга, қариндош-уруғларингизнинг олдига жўнаганингиз маъқул эмасми? У ерда сизга доим иш топилади.
— Менинг ҳеч қанақа қариндош-уруғим йўқ, деб айтганман-ку, сизга, пани Валентова.
— Ўлиб кетишганми?
— Ҳа, ўлиб кетишган.

Валентова картошкасини артиб бўлиб, қозончасини оловга қўйди.
— Варшаванинг одамлари ярамайди, кейин иш топиш ҳам жуда қийин, — дея гап бошлади у яна — Мисол учун эримни олинг: ҳафтада атиги уч кун ишлайди, топгани озиқ-овқатга аранг етади. Уларнинг директори— отинг ўчгур анови Пурмантер, молимиз ўтмаяпти, шу боисдан фабрикани бутунлай ёпиб қўйишса керак, деётганмиш. Агар Манька бўлмаганида квартира ҳақини ҳам тўлай олмасдик. Қиз боёқиш қийналиб кетди, лекин начора? Агар бир ҳафта ичида иккита жазман топмаса...
— Эҳтиёт бўлсин, — аёлнинг гапини бўлди Дизма, — билетсиз ушлаб олишса... Чатоқ қилишади.

Валентова боласини йўргаклаб бўлиб, ҳўл латтани плита устига осиб қўйди.
— Оғзингиздан ел учирсин! — деди зарда билан у. — Ундан кўра ўзингизга қаранг. Уч ҳафтадан бери пул тўламай, бекорга жойни эгаллаб ётибсиз. Сиздақа ижарагирдан ўлгурдиму!
— Қўрқманг, тўлайман, — дея тўнғиллади Дизма.
— Туянинг думи ерга теккандами. Ўн беш злотий — деярли сув текин... Лекин шуниям тополмаяпсиз. Қаерга борманг, дарров кавушингизни...
— Буни сизга ким айтди, пани Валентова?
— Буни нимаси сир экан? Ўзингиз Манькага айтиб берибсиз-ку.

Орага жимлик чўкди.

Дизма дераза томон ўгирилиб, қўшни флигелнинг сувоғи кўчган деворига тикилганича хаёлга ботди. Чиндан ҳам унинг омади юришмаётганди. У бирор ерда муқим ишлай олмасди. Дизмани гимназиянинг тўртинчи синфиданоқ қулоқсиз ва ялқовлиги учун ҳайдаб юборишганди. Нотариус Виндер уни бошқалардан кўпроқ тутиб турганди. Эҳтимол, кичкина Никодим немисчани оз-моз билиши — ҳарқалай, қаёққа юборишаётганини тушуниши учун шундай бўлгандир. Кейин почта идораси, арзимас маош ва бошлиқнинг доимий дўқ-пўписаси... Уруш. Телеграф батальонининг обозида уч йил хизмат қилган Дизманинг эришган ягона мансаби ефрейторлик унвони бўлди, холос. Сўнг яна Лисковдаги почтада хизмат қилди. Почтадан штатлар қисқариш баҳонаси билан кавушини тўғрилаб қўйишгач, черков ксендзи уни кутубхонага ишга киритиб қўйди. Бироқ у ерда ҳам Дизма бор-йўғи бир қишгина ишлади: апрель ойидаёқ унинг китоб жавонларини тартиб билан сақлай билмаслиги аён бўлиб қолди.

Ҳарқалай кутубхонада хизмат қилиш анча қизиқ эди.

Дизманинг хаёлини нарироқда жойлашган фабрикаларнинг гудоги бўлиб юборди. У Валентованинг тушки овқатга дастурхон ёзаётганини кўриб, аста ўрнидан турди-да, ташқарига чиқиб кетди. Дизма оёғи сирқираб оғриётганига қарамай қуёш тафтида қизиб кетгаи кўчаларда анчагача санқиб юрди. Уйда ўтириб, Валентнинг тўнғиллаши ва Маньканинг пичингларини эшитишга — энг муҳими эса — уларнинг қандай овқатланишларини томоша қилишга унинг ортиқ тоқати, қолмаганди. У икки кундан бери туз тотмаган эди. Чўнтагидаги сўнгги пулларига эса фақат папирос олиб чекарди.

Колбаса дўкони ёнидан ўтар экан, Дизма нафасини ичига ютди — дудланган гўштнинг ҳиди унинг асабига ёмон таъсир қила бошлаганди. У озиқ-овқат маҳсулотлари чиройли қилиб териб қўйилган витриналарга қарамасликка уринарди, бироқ очлик, барибир, борган сайин кўпроқ азоб берарди.

Дизма иш топишга умид йўқлигини жуда яхши тушунарди.

Бундан у чўчирмиди? Йўқ, сира ҳам чўчимасди. Дизма, бахтига тасаввур қилиш қобилиятидан маҳрум эди. Ўз режаларини у икки-уч кунгагина мўлжаллаб тузарди. Агар ўтган ҳафта Дизма соатини сотиб кун кўрган бўлса, келаси ҳафтада у фраги билан локланган ботинкасини бозорда пуллаб ҳаёт кечириши мумкин эди.

Рост, бу костюмга пул йиғиш учун унинг кўпгина нарсалардан воз кечишига тўғри келган эди; Дизма бу костюмга катта умид боғлаганди: ахир ресторанга танца бошқарувчиси бўлиб ўрнашиб олганида енгилгина пул топиши мумкин эди-да. Бироқ бир неча уриниши бекор кетганидан сўнг Дизма ҳеч ким уни танца бошқарувчилигига ишга олмаслигини тушуниб қолди ва сира иккиланиб ўтирмай кишилик костюмини сотиб юборишга қарор қилди.

Соат олтиларга яқин у қатъий бир қарорга келди-да, уйга қараб йўл олди.

Уйда фақат қилпиллама, қора соч Манькагина ўтирган экан. Чамаси у кечки овга жўнамоқчи бўлиб турган экан шекилли, ойна олдида пардоз қилаётганди. Қиз унинг чамадонига ўрнашиб олгани боисидан Дизма халал бермаслик учун бурчакка бориб ўтирди. Манька биринчи бўлиб гап очди:
— Энди тескари қараб туринг: мен кўйлагимни алмаштириб оламан.
— Ҳалиям қараётганим йўқ, — дея тўнғиллади Дизма.
— Жуда яхши. Бўлмасам кўзингиз тўйиб, кейин қарагингиз келмай қолади.

Дизма сўкиниб қўйди. Қиз секин кулди-да, кўйлагини ечди. Никодим чиндан ҳам унга мутлақо бефарқ қарарди. Бироқ қиз доим унинг ғашига тегиб юрарди. Қани энди иложи бўлса-ю, Дизма унинг оғзини ёпиб, квартирадан чиқариб ташласа! Манька унга негадир ўчакишгандай ҳаёсизлик билан шилқимлик қиларди. Бироқ бу ҳол унинг эркаклик иззат-нафсига, инсонлик қадр-қимматига унчалик тегмасди ҳам, чунки бундай иззат-нафснинг пайдо бўлиши учун шароитнинг ўзи. йўқ эди. Қадр-қиммат ҳақида эса Дизма мутлақо ўйламасди. Боз устига Никодим, ижтимоий нуқтаи назардан қараганда, ўзи яъни «ишсиз зиёли» бўлмиш бир одам билан манови қиз ўртасида унча катта фарқ сезмасди. Ҳамма гап шундаки қиз пичинглари билан унинг ҳаётини заҳарлаётган эди.

Бу орада Манька бошқа кўйлагини кийиб, елкасига рўмолини ташлади-да, Дизманинг олдига келиб, йирик-йирик тишларини кўрсатиб илжайди.
— Қалай, жонон зўр бўлибдими?
— Йўқол, алвасти! — дея қичқирди Никодим ғазаб билан.

Қиз икки бармоғи билан унинг иягидан тутган эди, Дизма унинг қўлига қараб бир урди.
— Вой, газанда-ей! — пишиллади бир оз орқага чекиниб қиз. — Муттаҳам, ялқов! Қўлини кўтаради-я?! Манови жулдурвоқини қаранг-а!

Манька шу йўсинда уни анчагача қарғади, бироқ Дизма унга қулоқ солмасди. У чамадонини очиб, фракни қанчага сотиши мумкинлигини чамаламоқчи эди... Ҳарқалай эллик злотий беришса керак. Ўзи уни Керцелякда етмиш злотийга олган эди. Локланган ботинкасидан ҳам саккиз-ўн злотий зарар кўрса керак.

Беланчакда ётган чақалоқ йиғлай бошлаган эди, қўшниларникига чиқиб кетган Валентова югуриб келди. Манька шундан кейингина чакаги тиниб, эшикни тарақлатиб ёпганича ташқарига чиқиб кетди.

Дизма чамадондан фракни олди.
— Уҳў, — дея илжайди Валентова. — Балга бормоқчимисиз ёки тўйгами?

Дизма жавоб қилмади. У фрак, шими ва нимчасини ҳафсала билан тахлаб, газетага ўради-да, Валентовадан каноп сўради.

Шу пайт Валент келиб қолди. Xотини унга олиб қўйган картошкани исита бошлаган эди, хонани яна пиёздоғ ҳиди тутиб кетди.
— Пан Дизма, — сўради Валент, — Керцелякка бормоқчимисиз?
— Ҳа, Керцелякка. .
— Аммо бугун шанба-ку, Жуҳудлар йўқ, ўзимизникилар эса жуда кам харид қилишади. Мабодо олишса ҳам, жуда арзон-гаровга олишади.

Қозондаги ёғ чирсиллаб турарди. Никодим тупугини ютди.
— Қанчага олишса ҳам майли, айтганларига сотаман.

Бирдан у чўнтакларини қараб кўрмаганини эслади-ю, дарҳол тугунни ечди. Чиндан ҳам шимининг чўнтагида шиша тамакидон билан фракида дастрўмоли қолган экан.

Никодим уларни олиб, пиджагининг чўнтагнга солган эди, қўли аллақандай номаълум иарсага тегиб кетди. Картон шекилли...

Ҳай! Трамвай бекатида топиб олган таклифнома-ку.

Никодим яна карточкани конвертдан олиб, ўқиб чиқди. Кутилмаганда уни таклифноманинг тагидаги илова ҳайратга солди. «Фрак, орденлар».

Ўзининг фракига қаради. Банкет. Овқат, мазза қилиб тўйиб олиши мумкин. Яна ҳаммаси текин.

«Ақлдан оздим шекилли» — дея ўйлади у. Сўнг яна ўқий бошлади: «Шу йилнинг 15 июль куни, кеч соат саккизда».

Ҳалиги фикр миясини чулғаб олиб, сира нари кетмасди.
— Пан Валент, бугун ўн бешинчими?
— Ҳа, ўн бешинчи.
— Ҳозир соат неча бўлди?
— Ҳали ўн ҳам бўлади, ҳозирча етти бўлиб турибди. Дизма бир минутча хаёлга чўмиб, серрайиб қолди. «Хўш, мени пишириб ейишармиди? — дея хаёлидан ўтказди у. — Нари борса қувиб чиқаришади-да. Лекин у ерда одам кўп бўлади...» Шундан сўнг соқолини олишга тутинди.

Дизма уезд кутубхонасида ишлаб юрган кезлари иешинга яқин залда деярли ҳеч ким бўлмасди. Шунда у зерикканидан китоб ўқий бошларди. Баъзан турли граф ва министрларнинг уйларидаги баллар ва зиёфатлар тасвирланган китоблар ҳам учраб қоларди. Уларда ёзилишига кўра, бундай катта йиғинларда бир-бирига нотаниш бўлган кўплаб одамлар келишарди. Демак, унинг ҳам омади юришиши мумкин эди. Муҳими — кўзга ташланмаслик керак.

Уй эгалари стол ёнида картошка еб, чой ичиб ўтиришарди.

«Овқат, жуда кўп овқат, — дея ўйларди Дизма, — Гўшт, нон, балиқ...»

У юзини ювиб, қаттиқ сочларини таради-да, крахмалланган кўйлагини кийди.
— У тўйга кетяпти деб айтмадимми сенга? — деди Валентова. Валент Дизмага кўз қирини ташлади ва хотинига қараб:
— Ишинг бўлмасин! — дея тўнғиллаб қўйди. Дизма тор ёқасининг тугмасини бир амаллаб қадади-да, галстугини тақиб, эгнига фрак кийди. — Овқат, жуда кўп овқат, — шивирлади у.
— Нима дедингиз?
— Ҳеч нима. Xайр, яхши қолинглар.

У йўл-йўлакай габардин плашининг тугмасини тақиб, зинадан пастга тушди. Сўнг нарироқдаги фонарь тагига бориб, исм ёзилмаганига ишонч ҳосил қилиш учун таклифномани яна бир бор ўқиб чиқди-да, билетни чўнтагига солди ва конвертни йиртиб, ариққа ташлади.

Дизма ҳали Варшава кўчаларини яхши билмас эди. Шу боисдан у қайси йўлдан боришни ўйлаб, бир зум иккиланиб турди ва ниҳоят, ўзига, таниш кўчалардан юришга қарор қилди. У Желязная кўчасига бурилди-да, Xлоднаядаги муюлишдан костел томон йўл олди. У ердан Электоральная кўчаси билан Банка майдони яққол кўриниб турарди.

Ишчилар кварталида кечки ҳаёт ўз мароми билан оқмоқда эди. Қовоқхоналардан гармониканинг бўғиқ садолари эшитилар, ифлос тротуарларда пиджакларини ёқавайрон қилиб ўсмирлар ва ёш ишчилар тўда-тўда бўлиб юришарди. Қизлар уч-тўрттадан бўлишиб, бир бирларини қўлтиқларидан ушлашганича сайр қилишар ва нуқул ҳиринглашиб, алланималарни пичирлашарди.

Кексароқ аёллар қўлларида болалари билан дарвозалар олдида туришар ёки уйларидан олиб чиққан табуреткаларда ўтиришарди.

«Шанба куни ҳордиқ чиқаришяпти», — хаёлидан ўтказди Дизма.

Электоральнаяда ҳам одам кўп эди: шанбани байрам қилиб юрган яҳудийлар тротуар у ёқда турсин, катта кўчага ҳам тушиб кетишганди.

Дизма Театр майдонига етиб борганида ратуша минорасидаги соат саккиздан беш минут ўтганини кўрсатиб турарди. У қадамини тезлатди-да, бирпасда Европа меҳмонхонасига етиб борди.

Ялтироқ лимузинлар кети узилмай келиб турарди, улардан башанг кийинган эркаклар тушишарди. Xонимлар кун иссиқлигига қарамай, ёқаларига мўйна тутиб олишганди.

Дизма бир зум довдираб қолди.

Ишқилиб ўзини сездириб қўймасмикин?

Бироқ очлик устун келди. Нима бўлгандаям қоринни тўйдириш керак! Кейин олдиларига солиб қувишса ҳам майли — бунақа ташвиш кимнинг бошига тушмабди дейсиз?

Дизма тишини тишига қўйиб, ичкари кирди. У кўзини очиб-юмгунча лакейлар пальтоси билан шляпасини ечиб олишди, аллақандай бир жаноб эса одоб билан уни залгача кузатиб қўйди ва ҳатто эшикни очиб ҳам берди.

Оппоқ кенг зал, тим қора фраклар, хонимларнинг ранг-баранг кийимлари Дизманинг кўз ўнгида пир-пир айлана бошлади. Атир-упанинг ҳиди ва гангир-гунгир товушлар Дизмани эсанкиратиб қўйган эди.

У эшик олдида тўхтаган эди, бирдан олдида бир жанобнинг таъзим қилганича қўл узатиб турганини кўриб қолди. Дизма унга беихтиёр қўлини чўзди.
— Ўзимни таништиришга ижозат этгайсиз, — деди ҳалиги жаноб, — Антоневский, бош министрнинғ шахсий секретари бўламан. Пан бош министр номидан сизга, келганингиз учун миннатдорчилик изҳор этишга рухсат этгайсиз. Марҳамат, мана закускалар...

Шундай деди-ю, гапини охиригача ҳам етказмай, эшикдан кириб келган икки озғин чол томон йўрғалаб кетди. Дизма пешанасидаги терни артди.
— Xудога шукур! Энди фақат қўрқмаслик керак!..

У энди ўзини босиб, залга анча ўрганиб қолган эди. Баъзи одамлар қўлларида тарелка тутишганича узун стол ёнида тамадди қилишарди, баъзилар эса кичик-кичик столчалар ёнида ўтиришарди. Дизма очликни енгиб, меҳмонлар ўзларини қандай тутишаётганини бир оз кузатишга қарор қилди. Сўнг ўзи умри бино бўлиб кўрмаган ажойиб таомлар териб қўйилган столга кўз югуртирди. Шу тобда у мазкур таомлардан биронтасини шартта олиб, бирор бурчакда паққос туширгиси келди. Бироқ у ўзини босиб, кузатишда давом этди.

Ниҳоят, Дизма юрак ютиб, тарелка қидира бошлади, Тарелка топгач, унга вилка билан бир талай салат ва паштет бўлагини солиб олди. У оғзи сўлакка тўлиб, кўзини тарелкадан узолмай қолган эди. Дизма бирор панароқ жой топиш учун орқасига ўгирилган эди, кутилмаганда кимдир тирсагини қаттиқ туртиб юборди. Қўлидаги тарелка ерга тушиб, чил-чил бўлди.

Никодимнииг ғазаби қайнаб кетди. Унинг олдидан ҳеч нимага эътибор бермай аллақандай бақалоқ одам ўтиб бормоқда эди. У ҳатто эпсизлиги учун ўгирилиб кечирим сўрашни ҳам лозим топмади. Агар Дизма ўзини тута олганида, эҳтимол, бундай ҳаддидан ошмаган бўларди. Бироқ шу дамда у фақат бир нарсани: ана шу бақалоқни деб оғзидаги нондан ажраб қолаётганини ҳис этарди...

У икки ҳатлаб айбдорга етиб олди-да, унинг тирсагидан тутди:
— Кўзингизга қараб юрсангиз бўлмайдими, жин урсин сизни! Қўлимдаги тарелкани уриб туширдингиз! — деди у жаҳл билан ҳалиги одамга қараб.

Ҳайрат ва ҳатто қўрқувдан бақалоқнинг кўзи ола-кула бўлиб кетди. У полга қаради-да, хижолат чекиб, кечирим сўрай бошлади.

Атрофдаги одамлар жимиб қолишди. Югуриб келган кельнер тарелка синиқларини териб олиб, Дизмага янгисини узатди. Дизма қандай тентаклик қилганини ҳали тушуниб ҳам етмай, тарелкага яна салат сола бошлади. Кейин бир четга ўтиб, бир оз ўзига келди-да, бирдан уни ҳозирнинг ўзидаёқ олдиларига солиб қувишлари мумкинлигини тушуниб қолди. Шундан сўнг у кўпроқ еб олиш учун овқатни чайнамай юта бошлади.

Бу орада зал меҳмонларга тўлиб борарди. Дизма ўзига ҳеч ким эътибор бермаётганини кўриб, бирмунча енгил тортди. Шундан сўнг у анча руҳланиб, тарелкасини яна тўлдириб олди. Кейин олдида коньяк тўла қадаҳлар терилган патнисни кўриб қолди-да, кетма-кет икки қадаҳни бўшатди ва ўзини анча дадил ҳис эта бошлади. Орадан бир оз вақт ўтгач, Никодим учинчи қадаҳни қўлига олган эди, аллаким у билан қадаҳ уриштираётганини кўриб ажабланди. Шу пайт кимнингдир:
— Сиз билан ичсам майлими? — дея сўрагани эшитилди.

Дизманинг ёнида полковниқ мундирини кийган, баланд бўйли, қора соч бир одам маънодор жилмайиб турарди.

Улар қадаҳларини бўшатишгач, полковник Дизмага қўл узатди.
— Вареда.
— Дизма, — худди акс садодек жавоб қилди Никодим ва унинг қўлини қисди.
— Табриклайман сизни, — деди Дизма томон эгилиб полковник. — Анови Терковскийни жуда қойиллатдингиз-да. Ҳаммасини кўриб турувдим.

Дизма қип-қизариб кётди.

«Ҳозир у мени қувиб солади, — дея хаёлидан ўтказди у. — Лекин тилёғламалик қилишига ўласанми!»
— Ўша аҳмоқни ўйлаганингизда ҳозир ҳам қонингиз қайнаб кетяпти, — деди полковник ва хахолаб кулиб юборди. — Табриклайман сизни, пан... Дизма. Анчадан бери ҳеч ким Терковскийнинг бундай адабини бермаган эди. Сизнинг соғлигингиз учун!
— Аҳамияти йўқ! Фақат... салат билан тарелкага ачинаман!

Вареда яна қаҳ-қаҳ отди.
— Ҳазиллашяпсиз чоғи! Бу дейман жуда аскиячи экансизу, пан Дизма! Сизнинг соғлигингиз учун! Биласизми, — деди у қадаҳни патнисга қўяр экан, — ахир бу жуда ажойиб ҳазил бўлди: Терковскийнинг аҳамияти йўқ, салатга ачинаман, дедингиз-а!

Полковник завқланиб, тинимсиз қаҳқаҳа отарди. Гарчи полковникнинг нимадан бунчалик завқланаётганини тушунмаса-да, оғзидаги бутербродини ютишга улгурмаган Дизма ҳам унга қўшилишиб кула бошлади.

Вареда Дизмага папирос узатди. Шундан сўнг иккови дераза ёнига ўтишди. Вареда билан Дизма эндигина папирос тутатишган ҳам эдики, ўрта бўйли малла сочларига оқ оралаган, шиша каби хира ялтираб турган кўзлари совуқ бир одам тез-тез юриб, уларнинг олдига келди.
— Вацек! — дея қичқирди у. — Папиросингдан чўз. Ўзимникини унутиб қолдирибман.

Полковник яна чўнтагидан кумуш портсигарини чиқарди.
— Марҳамат. Таништиришга ижозат бер: пан Дизма! Пан министр Яшунский!

Дизманинг юраги орқасига тортиб кетди: у умри бино бўлиб, ҳали министрни кўрмаган эди. Лисковдаги почта идорасида министр тўғрисида гаплашишган кезлари бу сўз у ердаги кишилар тасаввурида қандайдир хаёлий, мавҳум, жуда йироқ ва етиб бўлмайдиган бир тушунча сифатида намоён бўларди... Никодим зўр эҳтиром билан министрнинг қўлини қисди.
— Тасаввур қилгин-а, — деди полковник, — пан Дизма ҳозир анови аҳмоқ Терковскийни роса боплади-да.
— Аҳ! Ўша одам сизмисиз? Буни қаранг-а! — жонланиб кетди министр. — Эшитдим, эшитдим. Xўш-хўш!
— Бунисиям майли-я, — дея давом этди полковник, — мен пан Дизмани табриклаган эдим, у бўлса: «Терковскийнинг аҳамияти йўқ, салатга ачинаман!» деб жавоб қилди. Тасаввур қилгин-а: салатга!

Иккови қаҳқаҳа отиб кулишди. Дизма ҳам беихтиёр уларга қўшилиб кула бошлади. Шунда министр бирдан жимиб қолди-да, маънодор қилиб деди:
— Ўзбилармон одамларнинг аҳволи шунақа бўлади. Ҳеч кимни писанд қилмай қўйган эди, ҳайвон. Энди бўлса...
— Салатга ҳам арзимас экан! — дея гапни олиб кетди полковник Вареда.

Ҳаммаси яна хахолаб кулиб юборди, министр эса Дизманинг қўлтиғидан тутиб, қувноқлик билан деди:
— Ҳарқалай, сизни чин юракдан табриклайман, пан Дизма. Чин юракдан. Агар мамлакатимизда аҳмоқларнинг додини берадиган сиз каби кишилар кўпроқ бўлганида, аҳволимиз бутунлай бошқача бўларди. Ҳа, бизга кучли одамлар керак.

Уларнинг ёнига яна бир неча эркак келиб, суҳбат қизиб кетди.

Дизма ўзини босиб олганди. Тўқлик ва уч-тўрт қадаҳ коньяк таъсирида унинг асаблари анча жойига тушган эди. Аввалига у, мени биронта одамга ўхшатишяпти, деб ўйлади. Ким билсин, эҳтимол, Варшавада у билан фамилияси бир хил бўлган бирор қариндоши бордир? Бироқ кейин у, булар аллақандай Терковскийни койиб берганим учун мени ўзимизнинг одам ҳисоблашяпти, деган қарорга келди. Ким экан ўша Терковский? У ҳам бирор мансабдор бўлса керак-да, албатта!

Шуларни ўйлар экан, Дизма тезроқ жуфтакни ростлашга қарор қилди. Никодимни, айниқса, нарироқда уни диққат билан кузатиб турган кекса бир жаноб ташвишга солиб қўйган эди. Ўша жаноб Дизманинг юзига қараш учун ҳатто бир-икки марта унинг атрофидан айланиб ҳам ўтди.

«Оббо лаънати! Бу алжиган чолга нима керак ўзи?»

Тезда бу саволга жавоб ҳам топилди. Кекса жаноб ёнидан ўтиб кетаётган кельнерни тўхтатди-да, Дизма томон бош ирғаб, унга алланима деди. Кельнер унга таъзим қилиб, Дизманинг ёнига келди.
— Сиздан бир минутга эътибор беришингизни илтимос қилишяпти. .

Ўзга чора қолмаганди. Жуфтакни ростлаш ҳақида ўйламаса ҳам бўларди. Никодим чолга хўмрайиб қаради-да, олдинга қараб юрди. Бироқ чол оғзининг таноби қочиб, жилмайганича бидирлай кетди:
— Мени афв этасиз, агар янглишмасам, сиз билан бултур Краковда, саноатчилар съездида танишиш шарафига муяссар бўлган эдим. Ёдингиздами? Апрель ойи эди... Деон Куницкий...

Чол кичкина қалтироқ қўлини хиралик билан Дизмага узатди.
— Деон Куницкий!
— Никодим Дизма! Сиз янглишяпсиз: Краковда ҳеч қачон бўлган эмасман. Мени биронта одамга ўхшатяпсиз шекилли.

Чол кечирим сўраб шундай бидирлай бошладики, Дизма унинг гапини аранг тушуниб олди.
— Ҳа, ҳа, албатта, чолларнинг кўзи ўтмас бўлади.... Паришонхотирлигим учун кечирасиз, лекин барибир ғоят хурсандман. Бу ерда танишларим деярли йўқ десам бўлади. Икки оғиз гаплашишга бирорта одам топилмаса-я! Бир ишни ҳал қилишим керак эди, шу боисдан ҳам бир ошнамдан таклифнома тоинб беришни илтимос қилдим, лекин ёлғизлик қурсин... Сизни кўриб жуда хурсанд бўлиб кетдим, — дея жағи жағига тегмай бидирлади чол, — ҳа жуда хурсанд бўлиб кетдим. Боз устига қишлоқ хўжалиги министри билан яқин алоқада экансиз. Шундан кейин: танишим-ку... яхшилик қилиб, пан министр Яшунскийга мени танитиб қўяр, деб ўйладим. Аммо янглишибман, мени кечирасиз!
— Ҳечқиси йўқ.
— О, йўқ, пан министр билан суҳбатингизни бўлиб қўйдим. Биласизми, мен провинцияда яшайдиган оддий бир одамман. Биз қишлоқилар шунақа содда, бетакаллуф бўламиз.

«Оббо, бунчя вайсамаса», — дея хаёлидан ўтказди Дизма.
— Бир қошиқ қонимдан кечасизу, — Никодимни ўз ҳолига қўнмай давом этди Куницкий, — кекса бир одамга битта яхшилик қилмайсизми?
— Қанақа яхшилик? — ажабланди Дизма.
— Майли, майли, хиралик қилмайману, лекин сиз, пан Дизма, айтайлик, мени пан министрга таништириб қўйганингизда, у киши мени ўз дўстининг яқин одами, деб ҳнсобларди.
— Дўстининг дейсизми? — очиқдан-очиқ ажабланди Дизма.
— Xе-хе-хе!.. Йўқ деманг, муҳтарам дўстим: сизнинг пан министр билан суҳбатингизни ўз қулоғим билан эшитдим. Ўзим кексайиб, кўзим хиралашиб қолган бўлса-да, қулоғим жуда яхши эшитади. Мени таништириб қўйсангиз бас, у ёғини... Масалан, пан министрга: «Азизим пан министр, рухсат беринг, сизга яхши танишим Леон Куницкийни таништириб қўяй...» — десангиз борми, жуда ажойиб иш бўларди-да!..
— Нималар деяпсиз, пан Куницкий... — эътироз билдирди Дизма.
— Xиралик қилмайман, хиралик қилмайман... хе-хе-хе!.. Лекин сиздан ғоят миннатдор бўлардим. Сиз учун бу жуда осон-ку, шундай эмасми?

Қўшни зал эшиги очилган эди, меҳмонларнинг бари ўша ёққа юра бошлашди. Дизманинг ёнидан ўтар экан, министр Яшунский жилмайиб қўйди ва ҳамроҳларига қараб деди:
— Бугунги кечанинг қаҳрамони. :

Шу пайт Куницкий Дизмани хиёл итариб олдинга ўтказди-да, ўзи таъзим қилганича қотиб қолди. Никодим беихтиёр:
— Сизга дўстим пан Куницкийни таништиришга ижозат этгайсиз, — деб юборди.

Яшунскийнинғ ажабланганлиги юзидан шундоқ сезилиб турарди. Министр оғиз очишга ҳам улгурмай Куницкий унинг қўлидан тутиб, бидирлай кетди: у шундай ажойиб давлат арбоби билаи танишишдан жуда бахтиёр эмиш. Ватан, айниқса, қишлоқ хўжалиги ва жумладан, ўрмончилик олдида пан министрнинг хизматлари ғоят катта экан; Куницкий ўла-ўлгунча шу бахтиёр дамни унутмасмиш, чунки зироатчи ва ёғоч тилиш корхоналарининг эгаси сифатида бу хизматларнинг қадрини билармиш, бироқ афсуски, пан министрнинг қўл остидаги ҳамма одамлар ҳам унинг буюк раҳбар ғояларини тўғри тушунишавермас эмиш, лекин шунга қарамай бунга эришса бўлар экан; шу боисдан ҳам у, яъни Куницкий уни пан министрга танитиб қўйгани учун муҳтарам пан Дизмадан ғоят миннатдор эмиш.

Чол шу қадар тинимсиз бидирлар эдики, ғоят ажабланган министр фақат:
— Жуда хурсандман, — дейишга улгурди.

Бироқ шилқим чол Еродно вилоятидаги давлат ўрмонлари ва аллақандай ёғоч заводлари ҳақида оғиз очган эди, министр дарҳол унинг гапини бўлди:
— Ҳеч бўлмаса банкетда мени шу ишлардан тинч қўйинг. Бўлмасам министрликда қиладиган ишим қолмайди.

У Дизма билан қўл бериб хайрлашди-да, Куницкийга бош ирғаб, залга кириб кетди.
— Жуда метин экану бу министрингиз, — дея гап қотди Куницкий. — Уни шундай одам деб сира ўйламаган эдим. Ўзи доим шунақами?
— Доим шунақа, — ҳар эҳтимолга қарши жавоб қилди Дизма.

Расмий тантаналар тугаб, меҳмонларни ресторанга таклиф қилишди.

Чол Дизмага ёпишиб олди. Зиёфатда ҳам у Никодимнинг ёнида тинмай гапириб ўтирди. Дизманинг боши айланиб кетди. Тўғри, бунга коньяк билан икки-уч қадаҳ вино ичгани сабаб бўлса керак. Ғоят чарчаганидан унинг уйқуси кела бошлади. Гарчп қорни тўқ бўлса-да, ўқтин-ўқтин яна овқат ейишга ва ичкилик ичишга тўғри келар, бундан эса у қаттиқ азобланар эди. Дизма Луцкаядаги уйига қайтиб, дераза олдидаги буклама койкасида қандай ҳузур қилиб ухлаши тўғрисида ўйлай бошлади. Эртага якшанба — ҳарқалай соат ўнларгача уйғотишмаса керак. Бироқ Куницкий унинг қўлтиғидан тутди.
— Менга қаранг, азизим, соат энди ўн бир бўлибди. Келинг, бир қадаҳ-бир қадаҳ ажойиб венгер виносидан ичайлик. Мен шу ерда, Европа меҳмонхонасининг иккинчи қаватидан номер олганман. Илтимос қиламан. Xўш, азизим пай Дизма, йўқ демайсиз-а! Қитдек-қитдек вино ичиб, тинчгина хонада ўтирамиз... А? Xўп денг, кўп эмас, ярим соат, чорак соат...

Шундай дея чол Дизмани деярли сургаб ўз хонасига бошлади. Улар вестибюлга чиқишиб, тезда кенггина номерга киришди. Куницкий телефон қилиб, венгер виносидан келтиришни буюрди.

Бу орада пастдаги ойнабанд айланма эшик ҳар айланишида цилиндр кийган эркаклар ва башанг хонимларни пуркаб чиқармоқда эди. Тротуар четида турган швейцар:
— Пан Яшунскийнинг машиналари — дея қичқирди.

Ялтироқ лимузин эшик олдига келиб тўхтади.
— Менга қара, Вацек, Терковскийни боплаган анови ошнангнинг фамилияси нима эди? — сўради министр полковник Вареда билан хайрлашар экан.
— Қулинг ўргилсин йигит! — деди қатъйй оҳангда оёғида аранг турган полковник. — Фамилияси Дизма. Жуда қойиллатди-да ўзиям.
— Куницкий билан дўстлигидан помешчик ёки саноатчи бўлса керак. Ўша Қуницкий шпал етказиб бериш муносабати билан бир судлашган эди.
— Айтяпман-ку сенга: шоввоз йигит! Унча-мунча одамга гап бермайди.
— Ҳа, рост айтасан, кучли характер. Френологияга ишонаман. Пешанаси ва пастки жағи туртиб чиққан. Френологияда гап кўп. Xўп, саломат бўл.

Мотор гуриллаб, эшиклар шарақлаб ёпилди. Полковник тротуарда ёлғиз қолди.
— Нима бало, жин ургурнинг кайфи ошиб қолганми, — дерди ўзига-ўзи Вареда. — Xарактернинг хронологияга нима алоқаси бор?

2-боб

Яшил абажурли стол ламласи бахмал дастурхондаги сигара солинган қути, моғор босган шиша ва қаҳрабо рангли суюқлик тўла иккита қадаҳ қўйилган кичик бир доирани ёритиб турарди. Ғира-шира қоронғиликда хонадаги анжомларнинг тархи кўзга аранг чалинарди.

Дизма ўзини юмшоқ креслога ташлаб, кўзини хиёл юмди. Боя еган овқатлари энди уни лоҳас қилмоқда эди. Агар столнинг нариги ёғида нимжон суҳбатдошининг оппоқ ёқаси ва бир дона ҳам қора толаси қолмаган сочлари липиллаб турмаганида, Никодим чолнинг худди маржокларни ипга тераётгандек бир маромда сўзлашидан ухлаб қолиши турган гап эди.

Куницкий ним қоронғида кичкина ва ўткир кўзларпни Дизманинғ кўзидан узмай тинимсиз гапирмоқда эди.
— Ана шунақа, провинциядаги майда чиновниклар дастидан ўлар бўлсак ўлиб бўлдик. Қачон қарасанг тирғилишгани тирғилишган. Нуқул циркуляр ва уставларни пеш қилишади. Ҳаммаси мени хонавайрон қилиб, ишчиларимни бир бурда нондан маҳрум қилиш пайида. Пан Дизма, ўлай агар, мени фақат сиз қутқаришингиз мумкин.
— Мен-а? — ажабланди Дизма.
— Ҳа, сиз, — ишонч билан такрорлади Куницкий. — Ишонасизми, шу иш билан Варшавага тўртинчи бор келишим. Шунинг учун: агар бу гал ҳам ўша бефаросат, ўша лўттивоз Ольшевскийни енга олмасам, агар министрликда давлат ўрмонларидан дурустроқ шарт билан ёғоч олишга эришолмасам, ҳамма ишга чек қўяман, деган қарорга келдим! Ҳаммасининг баҳридан ўтаман! Яҳудийларга тахта тиладиган, мебель, қоғоз ва целлюлоза ишлаб чиқарадиган барча фабрикаларимяи сотиб юбораман. Майли, айтганларига ола қолишсин. Кейин аҳволим нима кечади билмайман. Эҳтимол, ўзимни ўзим отиб ташласам керак! Сизнинг соғлиғингиз учун, пан Дизма, — дея гапини тугатди Куницкий ва қадаҳдаги винони бир симиришда ичиб юборди.
— Лекин сизга қандай ёрдам беришим мумкин?
— Хе-хе-хе! Ҳазиллашяпсиз, азизим. Хиёл эзгулик қилсангиз бас, хиёлгина... О, кечирасиз, бунинг учун қимматбаҳо вақтингиз сарфланишини жуда яхши тушунаман, кейин... турли харажатлар дегандек… Аммо, сизнинг алоқаларингиз билан... э-ҳе!

У стулини Никодимга яқинроқ суриб ўтирди-да, бутунлай бошқача оҳангда давом этди:
— Очиғини айтай — агар олдимда бехосдан бир сеҳргар пайдо бўлиб: «Куницкий! Ҳамма ишингни тўғрилайман, анови аҳмоқ Ольшевскинни кетига тепиб, ҳайдайман-да, ўрнига гапга кўнадиган одамни тайинлайман, кейин сенга истаганингча ёғоч ундираман... Бунинг эвазига сен нима берасан?» — деса, мен сира ҳам ўйлаб ўтирмай: «О сеҳргар! Ўттиз минг, боринг ўттиз беш мингни нақд санаб бераман! Худо ҳаққи! Ўн мингини шу ердаёқ, қолганини иш битгандан кейин», — деган бўлардим.

Куницкий Дизманинг жавобини кута бошлади. Бироқ Никодим индамай ўтирарди. У Куницкий ўзига пора таклиф қилаётганини тушуниб қолди. Ҳолбуки, у яъни Никодим Дизма ҳатто оёғи қолиб, боши билан юрган тақдирда ҳам чолнинг илтимосини бажо келтиролмаган бўларди. Дизма орзу қилиш у ёқда турсин, ҳатто тасаввур ҳам қилолмайдиган бундай катта пул ушбу битимнинг хом хаёллигидан далолат бериб турарди. Агар Куницкий унга тўрт юз-беш юз злотий таклиф қилганида эди, бутун иш ўзининг табиийлигини йўқотиб, Дизмага чолни чув тушириб кетиш учун қулай имконият бўлиб кўринган бўларди. Никодим ҳатто бориб ҳаммасини полицияга айтаман, деб чолни қўрқитсаммикии, деган хаёлга ҳам борди. Зора қутулиб кетиш учун эллик-олтмиш злотий берса. Лисковда майда ишларни кўрувчи суднинг котиби Юрчак шу йўсинда юз злотий ишлаб олган эди. Аммо котибнинг йўриғи бошқа: у ўз идорасида ўтиради, мансабдор одам...

Дизманинг бундай сукут сақлаши Куницкийни довдиратиб қўйди: у нима деб ўйлашини ҳам билмай қолган эди. Ишқилиб, ҳаддидан ошириб юбормадимикан? Дизма буни ҳақорат деб тушунса-я? Ахир бу ҳалокат деган гап. Куницкий шу ишни деб анчагина одамларни ўртага солиб кўрган, кўп вақтини сарфлаб, пулни ҳам аямаган эди. Энди бўлса дард устига чипқон деганларидек… Чол шу заҳоти хатосини тузатиб, суҳбатдошининг кўнглини олишга қарор қилди.
— Ҳа, албатта, ҳозирги замонда сеҳргарлар қайда дейсиз, хе-хе-хе... Кейин сенга хайрихоҳ бўлган энг яқин дўстингдан ҳам ўз кўзи билан кўрмаган ишларни тўғрилаб бериш ҳақида илтимос қилиш мумкин эмас. Шундай эмасми ахир?
— Албатта.
— Менга қаранг! Миямга бир фикр келиб қолди! Пан Дизма, азизим, мендан илтифотингизни аямай, бир неча ҳафтага Коборовога борсангиз. Қишлоқда дам олиб, бир оз кўнгил очасиз... Ажойиб ҳаво, от миниб сайр қиласиз, кўлда моторли қайиғим бор... Айни пайтда менинг хўжалигим билан танишасиз, тахта тилиш заводини кўрасиз... Хўш, отахон, келишдикми?

Бу янги таклифдан Дизманинг оғзи очилиб қолди.

Куницкий эса қисташдан тўхтамасди, нуқул қишлоқда, қарағайзорда дам олишнинг афзалликлари ҳақида оғиз кўпиртирарди. Боз устига уиинг хонимлари ҳам пойтахтдан келган меҳмон учун ундан ғоят миннатдор бўлишармиш.
— Лекин, пан Куницкий, — дея унинг гапини бўлди Дизма, — мен дам олиш гўғрисида ўйламасам ҳам бўлади! Бусиз ҳам жуда кўп дам оляпман.
— О, дам олиш ҳеч қачон ортиқчалик қилмайдй!
— Мен ишсизман, — алам билан илжайди Дизма.

У чолнинг энди ҳафсаласи пир бўлса керак, деб ўйлаган эди. Бироқ Куницкий ажабланиш ўрнига хахолаб кулиб юборди.
— Хе-хе-хе! Жуда ҳазилкаш экансизу! Ишсиз эмиш-а! Ҳа, .албатта, савдо ва саноат соҳасида ҳозир яхши жой топиш қийин. Давлат хизматининг эса иззати кўпу, пули кам. Ҳатто баланд мартабали чиновникларнинг ҳам маошини яхши деб бўлмайди.
— Бундан менинг ҳам қисман хабарим бор, — дея унинг гапини тасдиқлади Дизма, — ўзим ҳам уч йил давлат хизматида бўлганман.

Тўсатдан Куницкийнинг миясига бир фикр келиб қолди.

«Жуда уста экансану, биродар, — дея хаёлидан ўтказди у. — Агар текинга олишни истамасанг янаям яхши».
— Азизим, пан Дизма! Сиз билаи танишган заҳотим, негадир бу одамни менга худо етказди, деб ўйлаган эдим. Зора шу фикрим рост чиқса! Пан Дизма, қадрдоним пан Никодим, икковимизнинг ҳам ишимиз ўнгидан келяпти! Сиз дурустроқ иш қидираётган экансиз, мен эса шундай ёшга етдимки, кундан-кун мадорим қуриб боряпти. Ҳурматли дўстим! Беодоблигим учун жаҳлингиз чиқмасин... Лекин айтайлик... менинг ер-мулким ва фабрикаларимни бошқаришни ўз зиммангизга олишни таклиф қилсам, нима дейсиз! Сиз буни осон иш деб ўйламанг. Хўжалигим жуда катта, охирини кўз илғатмайди!
— Билмадим, эплай олармикинман. Ахир бу соҳада ҳеч нимани тушунмайман, — дея очиқдан-очиқ иқрор бўлди Дизма.
— О, сиз тезда ўрганиб кетасиз, — эътироз билдирди Куницкий. — Айтмоқчи, фабрикаларни ўзим бир амаллаб эплайман. Лекин доим у ёқ-бу ёққа бориб, турли идораларда иш битириш, қандайдир Ольшевскийнинг илтифотига сазовор бўлиш учун ўлиб-тирилиш, министрликлардаги одамлар билан келишиш учун қартайиб қолдим. Бунақа ишлар учун катталар билан алоқаси яхши бўлган, уни кўрганда турли Ольшевскийлар писиб қоладиган ғайратлироқ одам керак. Кейин у мендан ёшроқ бўлиши лозим. Сиз ҳали қирққа ҳам кирмагаи бўлсангиз керак?
— Ўттиз олтига тўлдим.
— Айни ишлайдиган пайтингиз экан! Азизим, йўқ деманг: қулай хоналарда турасиз — истасангиз бизнинг уйимизда, истасангиз алоҳида флигелда яшайверасиз. Отлар, машина сизнинг ихтиёрингизда бўлади. Ошпазларимиз ҳам жуда яхши. Кейин шаҳарга жуда яқин. Варшавадаги дўстларингизни кўргингиз келиб қолса — марҳамат, ғизиллаб тушиб чиқаверасиз. Шартига келсак — тортинманг, ўзингиз таклиф қилаверинг.
— Ҳм, — дея мингирлади Дизма, — нима дейишимни ҳам билмай қолдим.
— Масалан, бундай дейлик: ўзингиз эришган фойданинг ўттиз процентидан иборат тантьема . Қелишдикми?
— Келишдик, — дея бош ирғади Дизма, нимага рози бўлаётганини ўзи ҳам яхши тушунмай.
— Маошингиз эса, айтайлик, ойига икки минг злотий бўлади.
— Қанча? — ажабланиб сўради Дизма.
— Ҳай майли, икки минг беш юз бўла қолсин. Бундан ташқари, йўл харажатлари алоҳида тўланади. Келишдик-а? Қўлингизни ташланг!

Дизма беихтиёр чолнинг қўлини қисиб қўйди. Юзига қон югуриб, оғзининг таноби қочган Куницкий эса бу орада катта авторучкасини чиқариб бир зум ҳам гапиришдан тўхтамай, бир парча қоғозни майда ҳарфлар билан тўлдирди-да, Дизмага узатди. Пан Никодим қоғозга ўзи бир вақтлар ихтиро этган жимжимадор имзосини қўяр экан, Куницкий семиз кармонидан шилдироқ пулларни санаб чиқара бошлади.
— Мана, марҳамат, беш минг аванс. Энди эса... Шуидай дея у Никодимнинг Коборовога бориш шартларини муҳокама қила кетди.

Коридорда Дизманинг қадам товушлари тингандан сўнг бир неча минут ўтгач, Куницкий хонанинг ўртасига келиб тўхтади-да, қўлларини бир-бирига ишқаганича шивирлади:
— Хўш, қария Куницкий, эндиям биров сени ишнинг кўзини билмайди, деб кўрсин-чи!

Чиндан ҳам Леон Куницкий ўзининг уддабуронлнги билан ном чиқарган эди: у камдан-кам янглишар ва кўнглига тугиб қўйган ишини пайсалга солиб ўтирмай, дарҳол амалга оширарди.

Тонг ота бошлади. Бўзара бошлаган осмоннинг у ер-бу ерида сўниб бораётган юлдузлар хирағина милтираб турарди. Йўлнинг икки четида саф тортган фонарлар заифгина ёғду сочарди.

Никодим шаҳар бўйлаб борар экан, қадам товуши бўм-бўш кўчада бўғиқ акс садо берарди.

Таассуротлар унинг миясида худди калёйдоскопдаги шиша иарчалари каби айқаш-уйқаш бўлиб кетган эди. У содир бўлган воқеаларнинг ўзи учун ғоят катта аҳамиятга эга эканлигини тушунарди, бироқ бу воқеаларнинг моҳиятини англаб етишга ожизлик қиларди. Никодим кутилмаганда бошига бахт қуши қўнганини ҳис этарди, аммо унинг қаердан учиб келгани, бунинг маъниси нима эканлигини тушунолмай боши қотарди.

Дизма бу ҳақида ўйлагани сайин ўша воқеалзр унга ҳақиқатга тўғри келмайдиган ғаройиб бир нарсадек туюларди.

У ўқтин-ўқтин чўчиб тўхтарди-да, қўлини аста чўнтагига тиқиб, ҳалиги бир даста пулни пайпаслар ва жилмайиб қўяр эди. Бирдан у ўзининг жуда ҳам бойиб кетганини англаб қолди. У йўл четидаги бир дарвозахонага кирди-да, пулини санай бошлади. Ё парвардигор! Нақд, беш минг злотий-а!
— Мана буни ўлжа деса бўлади! — деб юборди у. Кўп йиллик сарсонгарчиликда орттирган одати, табиий, унинг дилида: ювиш керак, деган фикрни уйғотди. Шундан сўнг на овқат егиси, на ичкилик ичгиси келаётган бўлса-да, Дизма Грибовская кўчасига бурилди: бу маҳалда Ицекнинг пивохонаси очиқ бўлишини у яхши биларди. У эҳтиёткорлик юзасидан юз злотийликни олиб, бошқа чўнтагига солди. Ицекнинг пивохонасида катта пулни кўрсатиш хавфли эди.

Ҳали вақт жуда эрта бўлишига қарамай пивохона гавжум экан. Извошчилар, такси шоферлари, ёпилган ресторанларнинг кельнерлари, ўз «қайлиқларининг» тунги иш ҳақига ичаётган текинхўрлар, муваффақиятли «юришлардан» қайтган дайдилар унча катта бўлмаган икки хонани тўлдириб юборишганди. Ҳамма ёқдан ғовур-ғувур гаплар, идиш-товоқларнинг чақир-чуқури эшитилиб турарди.

Никодим икки қадаҳ ароқ ичди-да, устидан чўчқа гўштидан пиширилган совуқ котлет билан тузланган бодринг еди. Шу пайт у бугун якшанба бўлиб, Валентнинг ишга бормаслигини эслаб қолди.

«Майли, жулдурвоқилар зиёли одамнинг қанақа бўлишини кўриб қўйишсин», — дея хаёлидан ўтказди Дизма.

У бир шиша ароқ билан бир кило колбаса олди-да, қайтимини ҳафсала билан санаб, чўнтагига солгач, ташқарига чиқди. Луцкая кўчасига етай деб қолганида, у бирдан Манькани кўриб қолди. Қиз деворга суянганича бир нуқтага тикилиб турарди. Никодим негадир бу учрашувдан хурсанд бўлиб кетди.
— Салом, панна Маня! — дея қичқирди у қувноқлик билан.
— Салом, — жавоб берди қиз унга ажабланиб қарар экан. — Ҳа, нега тунда санқиб юрибсиз?
— Ўзингиз нега ухлагани бормаяпсиз?
— Ҳозир бораман, — ғамгинлик билан жавоб қилди Манька.

Дизма диққат билан унга қараб қўйди. Шу тобда қиз унга одатдагидан кўҳликроқ кўриниб кетди. Тўғри, озғинроқ, лекин анча хушқомат. «Ёши нечадайкин? — дея ўйлади у. — Нари борса ўн еттида бўлса керак».
— Ҳа, бунча маъюссиз?

Қиз елкасини қисиб қўйди.
— Агар уч кундан бери кечалари итдек кўча изғиб, бир тийин ҳам ишлаёлмасангиз, сиз ҳам хуреандчиликдан сакрамаган бўлардингиз.

Дизма ўнғайсиз аҳволга тушиб қодди. У қўлини чўнтагига тиқиб бир нечта ўн злотийлик чиқардн.
— Мен сизга қарз бериб тураман, панна Маня, Йигирма злотий етадими?

Қиз пулга ажабланиб тикилиб қолди. У кеча Дизманинг сариқ чақаси ҳам қолмаганидан хабардор эди. Шунча пулни энди қаёқдан олдийкин? Ўғирлаган бўлса керак-да. Эҳтимол, кечқурун шунинг учун ҳам фрак кийгандир. «Айтмоқчи, — дея хаёлидан ўтқазди қиз, — бу билан менинг нима ишим бор?».

Никодим унга йигирма злотий узатди.
— Мана, олинг!

Манька бош чайқади.
— Олмайман. Кейин қайтаришга пулим йўқ.
— Олаверинг, қайтармасангиз ҳам майли.
— Истамайман, — деди қовоғини солиб қиз. — Сиздақа банкирдан ўлгурдиму!

Кейин четга қараб, оҳиста деди:
— Агар... Текинга олмайман... Агар мен билан борсангиз — бошқа гап.
— Э-э, — дея минғирлади Дизма ва қизариб кетди. Манька унинг кўзларига қаради...
— Нима, ёқмайманми?
— Нега энди...
— Сатқаи эркак кетинг-е! — деди бехосдан зарда билан қиз. — Ҳе, латта!

Манька тескари ўгирилиб, аста уйи томон йўл олди.
— Панна Маня! — қичқирди унинг ортидан Никодим.
— Шошманг. Бўпти, борамиз.

Қиз унинг етиб келишини кутиб турди-да, сўнг деди: — Номер учун яна беш злотий тўлайсиз.
— Яхши.

Улар индамай тор кўчалардан юриб кетишди.

Эгнига духоба нимча кийган, уйқусираётган барзанги эшикни очиб, уларни тор ва ифлос номерга бошлаб кирди-да, қўлини чўзди. Дизма унга беш злотий узатди.

Эскилигидан титилиб кетган кул ранг дарпарда ортидан қуёш нурлари тушиб турарди. Номер димиқиб кетди. Димоққа зах ва иркит бир нарсанинг ҳиди уриларди.
— Деразани очиб юборсакмикин? — деб таклиф қилди Манька.
— Кеч бўлиб қолди. Уйга бориш керак. Соат ҳам ўн бўлгандир, — деб жавоб берди Дизма.

Манька кичкина кўзгу олдида тиши синган тароқ билан қалин қора сочларини тарамоқда эди.
— Иш топдингизми? — сўради у лоқайдлик бнлан. Шу пайт Дизманинг бирдан Манькага ўзини кўрсатгиси келиб қолди. У чўнтагидан ҳамма пулини чиқарди-да, стол устига ёйиб қўйди. Сўнг жилмайиб:
— Бу ёққа бир қара-чи, — деди.

Манька ўгирилиб қаради-ю, кўзлари қинидан чиқиб кетай деди. У пулга еб қўйгудек бўлиб тикилиб турарди.
— Шунча пул-а... Шунча пул-а... Тағин ҳаммаси беш юзталик... Ё парвардигор!

Никодим қизга пуллариинг қандай таъсир этганини кўриб ҳузур қилмоқда эди. Манька унипг қўлидан ушлади.
— Менга қара! Сен «ов»да бўлдингми? — унинг товушидан қойил қолгани шундоқ сезилиб турарди.

Дизма кулиб юборди ва ҳазиллашгиси келиб:
— Ҳа, — дея жавоб қилди.

Манька бармоқларининг учини оҳиста пулга теккизди.
— Қани айт-чи... айт-чи... — дея шивирлади у, — сен одам ўлдирдингми?

Дизма бош ирғади.

Манька индамади. Бироқ унинг кўзларидан чўчиб кетгани ва қойил қолгани шундоқ сезилиб турарди. У доим жимгина юрадигаи лапашанг бўлиб кўринган Дизмани шунақа одам деб хаёлига ҳам келтирмаган эди...
— Пичоқ биланми?
— Ҳа, пичоқ билан.
— Қийин бўлдими?
— Бе... миқ этишга ҳам улгурмади.

Қиз бош чайқади
— Роса пулдор экан-да!.. Балки, жуҳуддир?
— Ҳа, жуҳуд эди.
— Сираям ўйламаган эдим...
— Нимани ўйламаган эдинг? — сўради Дизма ва пулларин йиғиштириб ола бошлади.
— Сенинг шунақалигингни-да...
— Қанақа эканман?
— Шунақа-да...

Қиз бирдан Дизманинг пинжига тиқилди.
— Сени ушлаб олишмайдими?
— Қўрқма, вақтида жуфтакни ростлаб қоламан.
— Сени ҳеч ким кўрмадими? Балки, бирор из-пиз қолдиргандирсан? Фиръавнлар ҳатто бармоқ изидан ҳам топиб олишлари мумкин.
— Мени ушлаша олмайди.
— Ўзиям роса даҳшатли бўлгандир-а?

Дизма кулиб юборди.
— Эслаб ўтиришга арзимайди. Юр, уйга кетдик. Ма, мановига кўйлак сотиб ол.

Шундай дея у Маньканинг олдига юз злотий қўйди. Қиз унинг бўйнидан қучоқлаб, лабларидан ўпа бошлади.

Улар индашмай уйга кетишди. Дизма, қизнинг менга нисбатан муносабати бир зумда ўзгариб қолди-я, деб мамнунлик билан кўнглидан кечирди. У Маньканинг ўша бир даста пулни кўриб эмас, балки, тунги ҳужум ҳақидаги ҳикояни эшитиб шунчалик қойил қолаётганини дарҳол тушунган эди. Гарчи бундай ўзгариш жуда хуш ёқса-да, Никодим ўзича хижолатда эди — у қизнинг бундай ҳурматига лойиқ эмаслигини яхши тушунарди. Бироқ энди у бу гапларнинг ҳаммасини ўйлаб чиқарганини сира ҳам тан олмаган бўларди, албатта.
— Эҳтиёт бўл, Манька, — деди Дизма улар зинапоядан юқори кўтарилишар экан, — бу ҳақда уйдагиларга оғиз оча кўрма! Тушунарлими?
— Бўлмасам-чи!
— Энди мен... ўзинг тушунасан, бирмунча вақтга бирор ёққа жўнашим керак. Хуллас, қўлга тушмаслик учун.
— Ҳа, тушунаман. Қайтиб келасанми?
— Қайтиб келаман.

Дизманинг шундай бемаҳалда Манька билан бирга қайтганига Бартиклар сира ҳам ажабланишмади. Лекин ароқ билан колбасанинг ҳурматини ўрнига қўйишди. Валентова шу заҳоти стол устига кўк клеёнка ёзди, ҳаммаси овқатлангани ўтирди. Горчицадан бўшаган банкачага ароқ қуйиб қўлма-қўл узата бошлашди. Шишанинг ўзиям анча каттагина эди... Кўп ўтмай Никодим беш злотий чиқариб, Манькани яна ароққа юборди. Шундан сўнг Дизма ижара ҳақини тўлади-да, қиз қайтиб келгач, ўтирганларга мурожаат қилиб деди:
— Хўш, энди мени табрикласангиз бўлади. Яхши иш топдим.
— Қаерда? — дея сўради қизиқиб Валент.
— Варшавада эмас, провинцияда.
— Провинцияда пул топиш осон, деб айтмовдимми сизга, — деди бош чайқаб Валентова. — У ерда ҳамма нарса мўл бўлади. Эркакларнинг ҳаммаси шунақа ўзи.

Яна Дизманинг саломатлиги учун ичишди. Кейинги шиша ҳам бўшагач, Никодим ечиниб, буклама каравотини ёзди-да, чўнтагига пул солинған нимчани ёстиқ тагига қўйиб, бир зумда ухлаб қолди.

Валент бир оз жим ўтирди. Сўнг кайфи ошди шекилли, ашула айта бошлаган эди, Манька дарҳол ўшқириб берди:
— Жим, жин урсин сизни. Кўрмаяпсизми, ухлаяпти ахир. Бирпас дам олгани ҳам қўйишмайди бу уйда.

Хонага сукунат чўкди. Валент шаикасини бостириб кийди-да, кўчага чиқиб кетди. Хотини эса ижарачиларининг иш топиб, уларни ароқ билан сийлаганини айтиб мақтаниш учун қўшнисиникига югурди.

Манька шкафдан роҳатибадан рўмолчасини олиб, Никодимнинг юзига ёпиб қўйди: хонада пашшалар ғужғон ўйнамоқда эди.

3-боб

Никодим пешинга қадар сафарга ҳозирлик кўрди. Дизма ўзини бир оз тузатиб олиш мақсадида бир неча кўйлак, галстуклар, соқол олиш учун янги прибор, сап-сариқ ботинка ва ўзига анча ярашган бир жуфт костюм харид қилди. Булардан ташқари у бир талай майда-чуйда нарсалар билан чиройли чарм чамадонлар ҳам сотиб олди.

Бир вақтлар нотариус Виндернинг ўғли — Львовда ўқийдиган студент бутун Лисковни ўзининг орасталиги билан қойил қолдирган эди. Никодим ҳар гал унинг хонасига кирганида студентнинг кийим-кечаги ва пардоз анжомлариии кўриб оғзи очилиб қоларди. Энди у ёш Виндердан ибрат олишга ҳаракат қиларди. Бу харажатлар Дизманинг ҳамёнини анчагина ўпириб кетган бўлса-да, у ўз ишидан мамнун эди.

Соат олтига бориб йўлга чиқиш учун ҳамма нарса шай бўлди. Поезд етти яримда жўнарди. Аввалига уни вокзалгача кузатиб чиқмоқчи бўлган Манька Никодимдаги бу ўзгаришларни кўриб, шу қадар эсанкираб қолдики, унга ҳамроҳ бўлишга журъат этолмади.

У фақат Дизманинг ортидан зинапояга югуриб чиқди-да, унинг юз-кўзидан ўпиб, чамадонларини пастга олиб тушишга ёрдамлашди. Извош жойидан қўзғалди. Шу пайт қиз:
— Қайтиб келасанми? — деб сўради қолди.
— Қайтиб келаман, — жавоб қилди Дизма ва бошидан шляпасини олиб силкитиб қўйди.

Иккинчи класс вагони учинчи классникига қараганда анча қулай бўлар экан. Бу ерда қаттиқ курсилар ўрнига пружинали диванлар қўйилган бўлиб, пассажирлар анча хушмуомала, проводниклар ҳам жуда мулойим кўринишарди.

Дизма бу ажойиб саёҳатнинг гаштини суриб борарди. У умрида биринчи марта ўзини тўралардек ҳис эта бошлади. Ҳозир унга ўзининг Лисковдаги почта идорасининг бошлиғидан сира кам жойи йўқдек, ҳатто ота-бола Виндерлар билан ҳам бемалол беллаша оладигандек туюларди.

Дизма билан бирга йўлга чиққан бир нечта пассажир тез орада тушиб кетди, вагонда у ёлғиз ўзи қолди. Бироқ сира уйқуси келмади. Ҳозирги вазиятни ҳар томонлама ўйлаб кўрмоқ лозим эди.

Турган гап, бу кекса доғули Куницкий уни министр Яшунский билан яқин алоқада бўлган нуфузли одам деб ўйлади. Акс ҳолда, унга бошқарувчиликни сира ҳам таклиф қилмаган бўларди. Ростини айтиб, чолнинг кўзини очиш эса шундай катта маошдан воз кечиш билан баробар эди, албатта. Демак, Куницкийни. Иложи борича узоқроқ лақиллатиш керак. Турар жой билан овқат учун у бир тийин ҳам сарф қилмайди. Шу боисдан ҳам у ойига эллик-олтмиш, борингки, юз злотийдан ортиқ чиқимдор бўлмайди. Қарабсизки — икки минг тўрт юз злотий соф фойда бўлиб турибди-да.

«Ҳеч бўлмаса уч ой тура олсам эди. Балки, бир иложини қилиб, ярим йилга чўзарман?»

Дизма шуларни ўйлар экан, жилмайиб қуйди. Кейинчалик одамларга фойдасига пул қарз бериб, қўлини совуқ сувга урмай, мазза қилиб яшаши мумкин. Фақат чолни узоқроқ лақиллатиш ва қўлга тушиб қолмаслик учун жуда эҳтиёт бўлиб юриш керак. Камроқ гапириш, ўзи ҳақида мутлақо оғнз очмаслик лозим. Чол ҳам ахир анойи эмас, бирор нарсанн сезиб қолса, дарҳол кавушини тўғрилаб қўяди.

Проводник кириб, навбатдаги станция Коборово эканлигини айтганида тонг ота бошлаган эди.

Ишқилиб, Куницкий шу поездда келишимни унутиб қўймаганмикин, дея безовта бўла бошлади Дизма. Лекин бекорга ташвишга тушган экан. Никодим поезддан тушиши билан унинг олдига ливрея кийган хизматкор келди.
— Кечирасиз, пан Куницкийникига келаётган жаноб сиз эмасмисиз?
— Ҳа, менман.
— Машина станция биноси олдида кутиб турибди, пан бошқарувчи, — деди хизматкор ва чамадонларни кўтариб олди.

Никодим ажойиб автомобилга ўтирар экан: «Коборово мулкининг бошқарувчиси... Ташрифнома буюртириб қўйишим керак экан», — дея ҳаёлидан ўтказди.

Аввалига машина темир йўл ёқалаб кетган теп-текис шосседан олиб борди-да, сўнг ярим вайрона сув тегирмони олдидаги хушманзара жойда ўнгга бурилиб, кўприкдаи ўтди ва тор изли темир йўлнинг икки четига зич қилиб қурилган фабрика иморатларининг ёнидан ғизиллаб кетди.

Бир оздан сўнг заранг дарахтларидан иборат хиёбон бошланади. Куницкий уйи хиёбоннинг охирида жойлашган экан. Томи учига найза ўрнатилган гумбазлар билан безатилган бу иморат классицизмга даъво қилувчи ғалати бир услубда қурилган бўлса-да, анча чиройли эди. Автомобиль майсазорни айланиб ўтиб, катта эшик олдида тўхтади. Ичкаридан оқсоч аёл чиқиб, хизматкор билан бирга чамадонларни олиб кириб кетди. Дизма пальтосини ечиб улгурмасданоқ, вестибюлга- ҳарир шлафрок кийган ва сочлари тўзғиб кетган Куницкий югуриб чиқди. Никодим аввалига уни танимай, ҳатто аёл киши деб ҳам ўйлади.

Оғзининг таноби қочган, тиниб-тинчимас Куницкий қучоғини очиб, меҳмонга пешвоз чиқди-да, шу заҳоти уни сухандонлик пулемётидан ўққа тута кетди. Гарчи одатдагига қараганда тезроқ гапираётган бўлишига қарамай, унинг нутқи ўша-ўша бир маромда бидирлашдан иборат эди. У фақат: «Муҳтарам пан қаерда туришни истайдилар — уйдами ёки павильондами?» — дея савол бергандан кейингина чакаги тиниб, Дизманинг жавобини кута бошлади.

Муҳтарам пан, менга барибир, деб жавоб бергач, унга ўйнинг биринчи қаватидан иккита ажойиб хонани ажратиб беришди. Шу заҳоти Никодимга вестибюлга қараган одатдаги эшикдан ташқари у паркка айвон орқали чиқиши ҳам мумкинлиги, ваннахона шундоқ ёнгинасида жойлашгани, истаса ҳозироқ чўмилиб олиши мумкинлиги — бунинг учун у ерда ҳамма нарса ҳозирлаб қўйилгани тушунтирилди. Сўнгра пан Дизма улар билан нонушта қилгани чиқса, у, яъни Куницкий билан хонимларнинг боши осмонга етажаги баён этилди.

Ниҳоят, ёлғиз ўзи қолган Никодим тезда чамадонларини очиб, иарсаларини шкафга тахлаб қўйди-да, ваннахонага равона бўлди. Дизма умри бино бўлиб ваннахонада чўмилмаган эди. Лекин у тирбанд ҳаммомга қараганда ваннанинг ўлса ўлиги ортиқлигини дарҳол пайқади. Сўнгги пайтдарда у камхаржлиги боисидан ҳаммомга ҳам боролмай қолганди. Ваннадаги сувнинг бир зумда қорамтир тусга киргани бундан далолат бериб турарди. Дизма анча овора бўлиб ваннанинг тубидаги тиқин занжирини топди-да, уни тортиб сирини ошкор қиладиган ифлос сувни тушириб юборди. Сўнг ваннани ювиб ташлаб, сочларини таради ва ётоқхонага қайтди. У чўмилаётганида хизматкорлар костюми билан ботинкасини тозалаб қўйишибди.

«Жин урсин! Бу ерда қўлингни совуқ сувга ҳам урдиришмайдиганга ўхшайди-ку!» — дея хаёлидан ўтказди қойил қолган Дизма.

У галстугини тақиб ҳам улгурмаган эдики, эшик тақиллаб, одатдаги кийимларини кийиб олган, бироқ ўша-ўша эзмалигини қўймаган хира Куницкий пайдо бўлди.

У Дизмани бошлаб борган емакхона кўпроқ залга ўхшаб кетарди. Қорамтир тахта панеллар билан безатилган бу хона кишида ғамгин бир таассурот қолдирарди. Деворлар ёнига баланд буфетлар қўйилган бўлиб, уларнинг ойна қопланган эшикчалари ичидан кумуш ва биллур идишлар ярқираб кўринарди. Тўрт кишига мўлжаллаб дастурхон ясатилган ўртамиёна оқ стол устидаги анжомларни Лисковдаги почта идорасининг бутун ходимларига бемалол етиб ортадиган ажойиб идиш-товоқлар кўргазмаси деса бўлади.
— Хонимларим пардоз қилишяпти, ҳозир келиб қолишади. Муҳтарам пан Никодим, балки улар келишгунига қадар биринчи қаватдаги хоналарни кўриб чиқарсиз. Иккинчи қаватга чиқиш эса хе-хе-хе, биз эркакларга ман этилган: ўзингизда қолар гап йўқ — хонимлар! Хўш, қалай, менинг маконим сизга ёқяптими? Барчасининг проектини ўзим тузиб, архитекторга ўзим кўрсатма бериб турганман. Сўнгги икир-чикиригача ўзим тепасида турганман.

Куницкнй дам Дизманинг қўлтиғидан олар, дам унинг атрофида гирдикапалак бўлиб, кўзларига тикиларди.

Чол Кобороводаги барча нарсалар каби бу иморат билан ҳам фахрланарди. Унинг гапига қараганда, бир неча йил илгари бу ерлар ташландиқ жой бўлиб, ҳозирги иморатнинг ўрнида ярим вайрона қўрғон бўлган экан, ерларга деярли экин экилмасакан. Бугун эса унинг муттасил меҳнат қилиши натижасида ҳамма иш тартибга солинибди. Қараб кишининг кўзи тўймайдиган хўжалик барпо этилибди.

Улар момиқ гиламлардан юриб, Дизманинг етти ухлаб тушига кирмаган ҳашаматли, безатилган хоналардан ўтиб боришарди.

Олтин суви югуртирилган биринж, оғир ромларга солинган картиналар, ялтироқ мебель, улкан ойналар, мармар ва малахит каминлар, ажойиб матолар, зарҳал нақш урилган чарм — буларнинг бари бойликдан далолат бериб турарди. «Бирдан қаттиқ ер қимирлаб қолгудек бўлса, бу уй бутун анжомлари билан олтин соққачаларга айланиб сочилиб кетса керак», — дея хаёлидан ўтказди Дизма.
— Ҳўш, қалай? — улар яна емакхонага қайтишгач, сўради Куницкий. Никодим жавоб бериш учун энди оғиз жуфтлаган ҳам эдики, хонага хонимлар кириб келишди.
— Марҳамат, танишинглар — пан Дизма! — деди Куницкий меҳмонни уларнинг олдига бошлаб борар экан.

Ёши каттароқ малла соч хоним жилмайганича Никодимга қўл узатди.
— Ғоят хурсандман. Сиз ҳақингизда кўп эшитган эдим.

Ёши кичкинароқ қўнғир сочли хоним нимаси биландир ўғил болага ўхшаб кетарди. У меҳмоннинг қўлини маҳкам қисиб, унга шундай бир такаллуфсизлик билан тикилдики, Никодим ҳатто хижолат чека бошлади.

Унинг бахтига Куницкий лаби лабига тегмай бидирламоқда эди. Шу боисдан ҳам Дизма индамай аёлларни кўздан кечирди. Каттасининг ёши, нари борса, йигирма олтиларда эди, қўнғир сочлиси эса йигирма иккилардан ошмаганди. Никодим ҳайрон бўлиб қолди, чунки Куницкий унга хотини билан қизи ҳақида гапирганди. Буларнинг иккови эса унинг қизи тенги келарди. Опа-сингиллармикин? Ундай деса, бир-бирига мутлақо ўхшамайди. Малла соч хоним нозиккина кўринса-да, унча озгин эмасди. Унинг кичкинагина оғзи ва ғунча лаблари, майин юзи ҳамда катта-катта оҳу кўзлари табиатининг хаёлпарастликка мойиллигидан далолат берарди. Жувоннинг оппоқ шойидан тикилган зебо кўйлаги ёқасидан момиқдек елкаси билан бўйни кўриниб турарди.

Қўнғир сочли қиз эса бутунлай бошқача эди. Анови барно жувон олдида қийғоч қошлари туташиб кетган, қўй қўз, сочини эркакчасига калта қилиб қирқтирган, томоғининг тагигача бекитиб турадиган инглизча блузка кийиб, яшил галстук тақиб олган ва офтобда қорайган бу қиз худди ўғил болаларга ўхшаб кетарди. Унинг кўзларида. қандайдир шижоат жилваланиб турарди. Дизмани айниқса унинг қулоғи ажаблантирди. Қўнғир соч қиз унга ён томонидан кўриниб турарди, шу боисдаи ҳам Дизма ўқтин-ўқтин унинг қулоғига назар ташлашдан ўзини аранг тийиб ўтирарди. Илгарилари у одамларнинг қулоғига сира эътибор бермасди. Ҳар бир одамнинг қулоғи ўзига хос эканлигини — баъзан у ғаройиб гулдек гўзал бўлиши мумкинлигини Никодим фақат энди тушунди. Куницкийнинг қулоқлари кичкина бўлиб, пушти ранг тусда эди, малла соч хонимнинг қулоқларини эса сочлари яшириб турарди.

У ана шундай хаёлларга берилиб ўтирар экан, ўзини ҳамма қатори тутишга ва нотариус Виндернинг таъбири билан айтганда, ўзини киборлардек тутолмаслигини яширишга уринарди.

Куницкий эса Коборовонинг афзал томони ва камчиликлари ҳақида тинмай бидирлар, ўзи киритган янгиликларини санаб, отхонасини мақтар ва қадрли пан Дизмага хўжаликнинг қайси қисмини олдину, қайси қисмини кейин кўрсатмоқчи эканлиги ҳақида гап сотарди.
— Ҳозирча сизга фақат биринчи қаватини кўрсатишга улгурдим.

Шундай дея, Куницкий чашкадан кофе хўплади. Малла соч хоним унинг жимиб қолганидан фойдаланиб гапга аралашди:
— Қалай, уйимиз сизга ёқяптими?
— Жуда серҳашам экан, — дея очиғини айтди Дизма. Малла соч хоним қип-қизариб кетди. Унинг кўзларидан қаттиқ изза тортгани яққол сезилиб турарди. — Эримнинг диди ўзи шунақа.
— Хе-хе-хе, — хиринглади Куницкий, — мен бу ҳақда пан Никодимга айтган эдим. Биласизми, тўйдан сўнг биз Коборовога кўчиб келгач, Нина биринчи галда — хе-хе-хе — худди ана шу масалада тўполон кўтарди. Аёлларнинг ўзи шунақа — яхшиликни билишмайди! Мен уйимиз шинам бўлсин деб жонимни жабборга топширсаму, у тўполон кўтариб ўтирса! Бир тасаввур қилинг-а...
— Илтимос, бас қил шу гапларни, — дея эрининг сўзини бўлди хотини.
— Сизни тушунмай қолдим, дада, — гапга аралашди қизи, — пан Дизманинг жонига тегишнинг нима ҳожати бор. Боз устига бу гаплар Нинага ҳам ёқмаяпти!
— Вой-бўй, ахир ҳеч нима деганим йўқ-ку, оппоқ қизим. Ҳа, айтгандай, ҳозир сизларни ёлғиз қолдирамиз. Мен пан Никодимга Коборовони кўрсатишим керак. Биласизми, пан Никодим...
— Балки, пан Дизма чарчагандирлар, — гап қотди Куницкая.
— Худо сақласин! — дея эътироз билдирди Никодим.
— Ана кўрдингми, ана кўрдингми, — хурсанд бўлиб шушулай кетди Куницкий. — Биз уддабурон одамлар дарҳол ишнинг моҳиятини тушуниб олишни яхши кўрамиз.
— Дада, сиз пан Дизма учун жавоб берманг, — дея отасининг гапини бўлди қизи. — Барча одамлар учун ишнинг моҳияти шпаллар билан қириндидан иборат эканлигига шубҳаланаман. Шундай эмасми, пан Дизма?
— Шундай, албатта, — эҳтиёткорлик билан жавоб қилди Никодим, — бундан ҳам муҳимроқ ишлар бор.

Куницкий кафтини ишқаб, аста кулди:
— Ҳа, ҳа, муҳимроқ ишлар ҳам бор! Масалан, ёғоч етказиб беришни кўпайтириш масаласи! — Куницкий ўзидан жуда хурсанд эди.

Малласоч хоним ўрнидан туриб бош ирғади.
— Хўп, сизларга халал бермайлик бўлмасам, — деди у совуққина қилиб...

Қўнғир сочли қиз ҳам ўрнидан турди. Никодим оиладаги низонинг сабабини тушуниб етмасданоқ, хонимлар емакхонадан чиқиб кетишди.

Дизма нонушта шу қадар тез тамом бўлади деб ўйламаганди. У очофат бўлиб кўринишдан чўчиб, кам овқат еганидан қорни тўймай қолганди.

Хизматкор кириб, отлар тайёр турганини айтди.
— Ана шунақа, — деди Куницкий телпагини кияр экан. — Бу гаплардан ажабланманг. Хотиним билан икковимиз бир-биримизни тушунмаймиз. Мен сизга айтсам, хотиним тушмагур анча хаёлпараст, ҳеч осмондан ерга тушгиси келмайди: ёш-да, ҳали. Ҳай майли, ақли ҳам кириб қолар... Қизим бўлса... Ҳм... Кася ҳам хотинимнинг тарафини олади, чунки ўзининғ ҳам ҳали она сути оғзидан кетмаган. Ундай десам, хотинлар ўзи доим бир-бирининг ёнини олади.

Ҳовлида уларни икки тўриқ от қўшилган чиройли извош кутиб турган экан. Куницкий билан Дизма юмшоқ ўриндиқларга ўтиришгач, хўжайин қамчи босган эди, отлар елиб кетишди.
— Қалай, отларим зўрми? — Куницкий кўзларини қисди. — Мен уларни Люблинда, қишлоқ хўжалик кўргазмасида сотиб олган эдим. Иккови олтин медаль олган. А? Зўр-а?

Чиндан ҳам отлар бир текисда елиб боришарди. Дизма улариинг ажойиб эканлигини тан олди.
— Сизга аввало темир йўл министрлигини кўрсатаман, — деди Қуницкий. — Ён томондаги икки тармоғи билан ҳаммаси бўлиб йигирма икки километрни ташкил қилади. Ҳозир биринчисига борамиз.

Извош хиёбондан чапга бурилди-да, бошоқ чиқарган бўлиқ буғдойзор оралаб кетган тупроқ йўлдан кетди. Гарчи шабада эсмаётган бўлса-да, ҳаво анча салқин эди.
— Ҳосил жуда яхши бўлибди-да! — деди Дизма.
— Ҳа, ҳа, — бошини маъюс чайқаб жавоб қилди Куницкий. — Афсус, жуда яхши бўлди.

Никодим кулиб юборди.
— Худди бундан хафа бўлаётгандек гапирасиз-а.
— Нима деб ўйловдингиз? — ажабланди Куницкий. — Бундай ҳосил зироатчи учун офатнинг ўзгинаси-ку ахир.

Дизма ҳеч нимани тушунмай қолганини айтмоқчи бўлди-ю, лекин тилини тийди: яхшиси, эҳтиёткорлик юзасидан индамагани маъқул.
— Ҳа, офатнинг ўзгинаси, — дея такрорлади Куницкий. — Ўйлаб кўрсанг эсинг тескари бўлиб кетади. Икки ойдан сўнг ғаллани сув текинга сота бошлаймиз. Бунинг отини мўл-кўлчилик офати дейдилар, азизим.

«Буни қаранг-а! — дея хаёлидан ўтказди Дизма. — Шундай эканлигини ким ўйлабди дейсиз. Яхшиси, камроқ гапирганим маъқул. Савол беришдану худо сақласин».
— Тушунарли, — дея жавоб қилди у. — Фақат, менимча, буларнинг бари сиз ўйлаганчалик қўрқинчли бўлмаса керак.

Дизма жимиб қолди. Лекин шу заҳоти у яна бирор нарса дейиш лозимлигини, акс ҳолда бундай ишларга ақли етмаслиги сезилиб қолиши мумкинлигини фаҳмлади-да:
— Ғалланинг нархи ошади, — дея қўшимча қилди.
— Бе, қаёқда ошарди дейсиз! Ҳа, агар борди-ю ҳукумат ғаллани сотиб олса...
— Сотиб олмайди, деб сизга ким айтди?
— Нималар деяпсиз? — Куницкий ўриндиғида бир сапчиб тушди.

Дизма аввалига қовун тушириб қўйдим шекилли, дея қўрқиб кетди, аммо суҳбатдошининг кўзлари ялтираётганини кўриб кўнгли жойига тушди.
— Оғзингизга бол-е, азизим! Нималар деяпсиз! Бу масала ҳал бўлганми?
— Ҳозирча лойиҳа...
— Азизим пан Никодим! Ажойиб фикр! Ажойиб!

Зироатчининг манфаатини ҳимоя қилиш ҳукуматнинг вазифаси-ку; мамлакатнинг фаровонлиги қишлоқ хўжалигига асосланган. Бизда эса, жин урсин, нуқул хўжалик тартибини ўзгартиришгани ўзгартиришган! Ахир Польшада аҳолининг етмиш проценти деҳқончилик билан шуғулланади. Етмиш проценти-я! Саноатда ҳам, конларда ҳам, савдода ҳам эмас, қишлоқ хўжалигида. Чорвачилик билан ўрмончилик — барча нарсанинг асоси. Зироатчининг фаровонлиги — барчанинг фаровонлиги: фабрикантнинг ҳам, тужжорнинг ҳам, ишчининг ҳам. Пан Дизма, сиз бу гениал лойиҳани қўллаб-қувватлаш учун ҳукумат доираларига ўз таъсирингизни кўрсатишингиз лозим. Ватан олдидаги бурчингиз ахир бу. Ҳукумат ортиқча ғаллани сотиб олсин. Ё парвардигор! Коборовонинг ўзи хуторлари билан қанча ғалла бериши мумкин-а...

Куницкий хаёлан кўрадиган фойдасини хомчўт қила бошлаган эди. Дизма гап қотди:
— Ҳамма гап пулда. Пул йўқ.
— Пулмиш-а! Пул нима деган гап! — бидирлай кетди Куницкий, — бунинг сираям мушкул жойи йўқ. Ҳукумат қишлоқ хўжалик зиёмининг облигациясини чиқариши мумкин. Масалан, юз миллион сўмлик дейлик. Пул ўрнига мана шу облигация тўланади — вассалом! Бу облигациялар процентли бўлади, албатта. Айтайлик, юз сўмдан беш ёки ҳатто тўрт процентдан тўлаш мумкин. Гапимни тушуняпсизми? Заём олти йиллик муддат билан чиқарилади, дейлик. Олти йил ичида эса ғалла бозорида, ўлдим деганида, икки марта қулай вазият юзага келади. Ана шунда бор ғаллани чет элга сотиб юбориш мумкин. Бутун операция шу, холос! Гапимни тушундингизми! Бунинг фойдаси жуда катта, биринчидан, нарх-наво барқарорлашади, иккинчидан, муомаладаги пул кўпаяди, чунки облигацияларда эгасининг номи кўрсатилмаган бўлади, албатта. Ахир давлат шу йўл билан ички бозорга юз минг сўмга яқин янги пул чиқариш имконига эга бўлади. Шу йўсинда нақд пулнинг етишмовчилиги бартараф қилинади. Азизим! Сиз бу ҳақда министр Яшунский билан албатта гаплашишингиз лозим...
— Биз у билан бу тўғрида бир неча марта гаплашганмиз. Ким билади дейсиз...

Никодим шундай деди-ю, лекин ўзича: «Бу жин ургур чолнинг мияси хўп ишлар экан-да. Бунақа одам министр бўлиши ҳам мумкин», дея хаёлидан ўтказди.

Куницкий ҳаяжон билан қамчинини силкитганича борган сари тезроқ бидирларди. У мазкур ишнииг фойдаси ҳақида далиллар келтирар, шубҳа-гумонларини айтар, эътироз билдирар ва яна далилар келтириб, ўзини ўзи инкор этарди.

Бу орада йўл бурилиб бориб, улар баланд қарағайзор ичига кириб қолишди. Тор изли темир йўлнинг ёнидаги улкан майдонда ходалар тахлаб қўйилган эди. Кичкина паравоз хода ортилган ўн бештача вагонни жойидан кўзғатишга кучаниб, тинмай пишилларди. Составнинг икки четида саф тортган ишчилар вагонларни итариб боришарди.

Хўжайинни кўриб, одамлар бошларидан шапкаларини олишди. Бироқ уларнинг саломида очиқдан-очиқ душманлик бўлмаган тақдирда ҳам, қандайдир адоват сезилиб турарди. Офтобда қорайган кул ранг камзулли мастер извош ёнига келиб, Куницкийга алланима демоқчи бўлган эди, хўжайин уни тўхтатди.
— Пан Старкевич, саломлашинг: бу киши бизнинг янги бошқарувчимиз пан Дизма бўладилар.

Мастер бошидан шапкасини олди-да, диққат билан Дизмага тикилди. Никодим жавобан бош ирғаб қўя қолди.

Куницкий Старкевичдан қилинган ишларни сўраб-суриштирар экан, Никодим қизиқиб атрофда уюлиб ётган ходалар ва тахтадан омонатгина ясалган баракларни кўздан кечира бошлади. Ҳамма ёқни арраларнинг ғир-ғири ва болталарнинг тўқ-тўқи тутиб кетган эди, Улар яна йўлга чиқишган заҳоти Куницкий дарахтларнинг навлари, бу ерларда ўрмончиликнинг аҳволи, ҳатто ўз участкангда ҳам дарахт кесишга рухсат олишнинг қандай қийинлиги тўғрисида бутун бир лекция бошлаб юборди. У гапларини ғоят жиддий қиёфада эшитаётган ҳамроҳига ўқтин-ўқтин қараб қўяр экан, уставларнинг параграфларини ёддан айтарди, нарх-наво тўғрисида гап сотиб, рақамларни рўкач қиларди.

Дизма эса аслида қўрқиб кетганди. Ҳозир у ўзини бирдан бошига бир ғарам пичан ағдарилиб тушган одамдек сезарди. Шу пайтгача у мутлақо тасаввурга эга бўлмаган бу проблемаларнинг бари Никодимнинг устига худди тоғ кўчкиси янглиғ ёпирилиб тушди. Бутунлай эсанкираб қолган Дизма ўз кучи билан бу муаммонинг тагига етолмаслигини, обрўсини тўкмаслик, шарманда бўлмаслик, тўғрироғи, қўлга тушмаслик даражасида ишни ўзлаштира олмаслигини яхши тушунарди.

Улар давлат ўрмонидаги тажриба станцияси, темир йўл ёнидаги тахта тилиш корхонаси, мебель фабрикаси, деярли қуриб битказилган қоғоз фабрикаси ҳамда битай деб қолган омборларни бирма-бир бориб кўришгач, Дизманинг мияси шу қадар ғовлаб кетдики, у энди фақат жуфтакни ростлаш ҳақида ўйлай бошлади. Унинг рўпарасида сирли бир тарзда ўзаро боғланиб кетган ва англаб етиш ғоят мушкул бўлган ҳисобсиз ишлар кўндаланг турарди. Никодим бу ишларнинг тепасида турган кишилар билан ҳам танишди. Улар мазкур ишлар ҳақида ишбилармонлик билан шу қадар лўнда қилиб сўзлашдики, Никодим бу гаплардан ҳеч вақони тушуна олмади.

Куницкий эса унинг маъюс тортганини кўриб, янги жойдаги ишларга разм солаётган бўлса керак, деб ўйлади. Дизма шуни пайқаганидан кейингина бир мунча таскин топди. Чамаси, Қуницкий ўз бошқарувчисининг ишлардан иложи борича яхшироқ хабардор қилишга берилиб кетиб, ундаги саросимани сезмай қолган эди.

Улар уйга қайтишганида соат уч бўлай деб қолган эди.
— Мана кўрдиигиз, — деди Куницкий, жиловни отбоқарга узатар экан, — хўжалик анча катта. Ҳа, анча катта. Шу билан бирга, у азбаройи, муттасил ва бир текис фойда олиб туришни мўлжаллаб, анча сариштали ташкил этилган. Агар амалда баъзи ишлар рўёбга чиқмаётган бўлса, бунга биздаги бюрократия, иқтисодий сиёсатнинг беқарорлиги сабаб бўляпти. Бироқ шу шароитда ҳам анча иш қилса бўлади. Буниси эса энди, азизим пан Никодим, сизнинг вазифангиз.

Хонимлар ўзларига керакли майда-чуйда нарсаларни харид қилиш учун автомобилда Гроднога жўнаб кетишгани боисидан улар икковлари ўтириб овқатланишди. Коборовонинг ошпазлари жуда пазанда бўлиб, дастурхонда овқат сероб эди. Шунинг учун ҳам улар овқатланиб бўлишгач, қаҳва ичиш учун кабинетга ўтишганида Дизмани қаттиқ мудроқ босди. Аммо тиниб-тинчнмас Куницкий Коборово хўжалиги ҳақида гапиришдан тўхтамасди. У шкаф ва қутиларни очар, аллақандай ёзишмалар, рўйхат, ҳисоб-китоб дафтарларини олиб кўрсатар ва тинмай бидирларди. Никодимнинг тоқати тоқ бўлди. Ниҳоят, чол бидирлашдан тўхтади-да, бир даста қоғозни олнб, Дизманинг ёнига келди.
— Кўриб турибман, бир оз толиққанга ўхшайсиз. Аслида йўлдан кейин дам олишингиз керак эди. Агар ижозат этсангиз, бу ҳужжатларнинг барини хонангизга бериб юбораман. Эҳтимол, кечқурун уларни кўриб чиқарсиз. Нима дейсиз?
— Бажону дил.
— Энди, азизим пан Никодим, ётиб бир оз мизғиб олмайсизми?
— Ҳа, ёмон бўлмасди...
— Яхши ухлаб туринг, азизим, яхши ухлаб туринг. Мен сизни кузатиб қўяман. Илтимос, ҳужжатларни кўраётғанингизда давлат ўрмонларининг дирекцияси билан ёзишмаларнинг санасига эътибор беринг. Хатларга уч ойлаб жавоб бермаслик расвогарчиликнинг ўзгинаси эмасми, ахир. Ҳай майли, бу тўғрида кейин гаплашамиз. Ҳозирча дам олинг. Кечки овқат соат саккизда бўлади.

Никодим ботинкасини ечиб, диванга чўзилди. Аммо ҳадеганда уйқуси келавермади. Унинг миясини бир фикр чулғаб олган эди. Нима қилсайкин? Нима қилиш керак ахир? Балки, бир йўла очиғини айтиб, чолга ҳеч вақони тушунмаслигига иқрор бўлиш керакдир... Ёки бу мураккаб тугунни ечишга уриниб кўрсамикин? Агар шу ишни уддалай олганида Коборовода яна икки, борингки, уч ой туриши мумкин... Чунки бундан ортиқ чўзиб бўлмайди. Фақат бир нарса аниқ: чол уни министрнинг ёрдамида ишларини жўнаштириб юбориш учун таклиф қилган...

«Жуда қув чол экан, лекин роса чув тушди-да... Нима қилсам экан? Билиб қолса — юраги ёрилиб ўлади-да, ўзиям».

Куни билан қилган ишидан ҳам кўра ана шу икки соатлик ҳордиқ Дизмани кўпроқ чарчатди. Бу орада у ўндан ортиқ папирос чекиб ташлади. Ниҳоят, хона папирос тутунига тўлиб, нафаси қайта бошлагач, у қўшни кабинетга ўтди. У ердаги ёзув столи устига Никодим танишиб чиқиши лозим бўлган бирталай ҳисоб-китоб дафтарлари ва ҳужжатлар тахлаб қўйилган эди.

Дизма дилида бир сўкиниб олди-да, орқасига қайтди. Сўнгра бирдан айвонга қараган эшикни очиб, паркка чиқиш мумкинлигини эслаб қолди..

Парк жуда саришта эди. Никодим анча юриб қўйган бўлса-да, унинг охири кўринай демасди. Кекса дуб, қора қайин, арғувон ва заранг дарахтлари оралаб бир-бирига икки томчи сувдек ўхшайдиган теп-текис йўлкалар тармоқ отганди.

«Бу ерда адашиб қолиш ҳеч гап эмас, — дея хаёлидан ўтказди Дизма ва атрофга аланглаб қараб қўйди. — Ҳар қалай уй шимол томонда жойлашган».

Тарвақайлаб кетган дарахтлар остида мармар ва тахта курсилар кўзга ташланарди. Чорак соатча сайр қилиб юргач, Никодим сояда турган шундай курсилардан бирига бориб ўтирди. Шу заҳоти миясида яна ҳалиги ташвишли фикрлар хира пашшадай ғўнғиллай бошлади: нима қилиш керак, қутулишнинг чораси бормикин, қандай баҳона ўйлаб топсайкин?

Кимдир ҳуштак чалганича яқинлашиб келмоқда эди, Дизма ўгирилиб қаради. Торгина хиёбондан башанг кийинган, кўзига монокль таққан бир йигит келмоқда эди. Унинг ортидан қийшиқ оёқларини пилдиратганича калласи кўршапалакникига ўхшаш пинчер зотли миттигина ит югуриб келарди. Ит Дизмани кўриб қолиб, вовуллай бошлади. Йигит тўхтаб, Дизмага бошдан-оёқ кўз югуртириб чиқди-да, унинг ёнига келди. Ўттизларга кирган бу нотаниш йигит озғин ва новча бўлиб, бўйни узунлигидан янада дарозроқ кўринарди. Унинг юзи ёш болаларникига ўхшаш кичкина ва рангпар бўлиб, қовоқлари қизариб кетган катта-катта мовий кўзларининг нафратомуз ва истеҳзоли қарашига мутлақо мос тушмасди. Йигит кўзларини лўқ қилганича Дизмага тикилиб тураверди.

«Бу жин ургурга нима керак ўзи!» — дея хаёлидан ўтказди Никодим хижолатга тушиб.

Йигит эса Дизма томон ҳаддан ташқари узун шаҳодат бармоғини чўзиб, жиддий оҳангда сўради:
— Ким бўласиз?

Никодим нима қиларини билмай ўрнидан турди.
— Мен... бошқарувчиман, янги бошқарувчи.
— Фамилиянгиз?
— Дизма, Никодим Дизма.

Ит вовиллаганича эгасининг оёғи остида у ёқдан-бу ёққа сакрарди.
— Дизма дейсизми?.. Эшитувдим. Мен граф Понимирский бўламан. Ўтиринг. Ёт, Брут! Биласизми, пан Дизма, мен итга бизнинг замонамизда жуда бемаъни эшитиладиган шундай лақаб қўйганман. Айтгандай, нега энди итнинг лақабида маъно бўлиши керак экан? Ўтиринг.

Дизма жойига ўтирди. Бу граф унинг кўнглида ғалати бир таассурот қолдириб, қўрқув, ижирғаниш, қизиқиш ва раҳм-шафқат ҳисларини аралаштириб юборган эди.
— Эшитувдим... — деди граф чўзиб тилининг учи билан гезарган лабларини ялар экан, — ҳа, эшитувдим. Керак бўлиб қолгандирсизки, у аблаҳ сизни бу ерга олиб келган-да. Жентельмен сифатида айтиб қўяй, азиз кўёвим ғирт муттаҳам одам.
— Кимни айтяпсиз, граф? — дея ажабланди Дизма,
— Қимни бўларди? Анови аблаҳ Деон Куникни-да, албатта.
— Пан Куницкийними?
— Қанақасига Куницкий бўлар экан? — қичқирди граф. — Жин урсин! Қуницкиймиш-а? Куницкий — шляхтага мансуб ажойиб фамилия. Бу ўргимчак эса уни ўзлаштириб олган. Ўғирлаган, тушуняпсизми, ўғирлаган! Унинг фамилияси шунчаки Куник. Ўзим текшириб кўрганман. Онаси — кир ювувчи Геновефа Куник, отасининг кимлиги эса номаълум. Ҳа, тақсир, герцогиня де Реоннинг набираси бўлмиш графиня Понимирская шу кунда пани Куник бўлиб юрибди.
— Тушунолмадим, — эҳтиёткорлик билан оҳиста гап бошлади Дизма, — демак, сиз, граф, пан Куницкийнинг қайнағаси бўлар экансиз-да?

Поиимирский худди чиён чаққан одамдай сакраб ўрнидан турди. Унинг қонсиз юзи бўзариб кетди.
— Жим бўлинг! Ўчиринг овозингизни сиз, сиз…
— Кечирасиз, — деди қўрқиб кетган Дизма.
— Менинг олдимда уни аблаҳ Куник, муттаҳам Куникдан бўлак ном билан атай кўрманг. Эшитдингизми! У сира ҳам Куницкий эмас! Куёвим — палид, судхўр ва товламачи... Куник бўлади! Ҳароми фирибгар! Куник! Куник! Куник! Такрорланг: Куник! Қани?
— Куник, — дея такрорлади қўрқа-писа Дизма.

Кўнгли жойига тушган Понимирский курсига ўтирди-да, ҳатто жилмайиб ҳам қўйди.
— Билмаган экансиз-да? Брут ҳам аввалига билмай унга суйкалган эди. Лекин маҳлуқ куёвим уни тепиб юборди!

У бир оз ўйланиб турди-да, сўнг қўшимча қилди:
— Иккови ҳам маҳлуқ: Куник ҳам, ит ҳам... Ундай десам, ўзим ҳам маҳлуқман...

Граф бирдан хахолаб кулиб юборди:
— Очиғини айтганим учун кечирасизу, лекин сиз ҳам маҳлуқсиз.

У ҳамон қаҳқаҳа отар экан, Дизма: «Телба бўлса керак», — дея дилидан ўтказди.
— Мени телба деб ўйлаяпсизми? — деди Понимирский бехосдан Дизманинг қўлидан ушлаб, юзини унинг юзига яқинлаштирар экан.

Дизма чўчиб тушди.
— Йўғ-е, — дея эътироз билдирди у талмовсираб. — Нималар деяпсиз! Худо сақласин.
— Гап қайтарманг! — қичқирди граф. — Ҳаммасини биламан! Турган гап, Куник сизга айтган бўлиши керак. Балки синглим айтгандир? Очиғини айтинг. Бу тўнғиз, бу чиябўри билан яшар экан, эртами-кечми у ҳам маънавий инқирозга учрайди. Хўш, Нина сизга нима деди?
— Менга ҳеч ким ҳеч нима дегани йўқ.
— Ҳеч ким-а?
— Чин сўзим, — дея уни ишонтирди Никодим.
— Мен билан танишиш шарафига муяссар бўлишингизни ўйлашмаган-да! Улар менга уйга киришни ман этиб қўйишганидан хабарингиз бўлмаса керак! Менга овқатни алоҳида беришни буюришган! Паркдан ташқарига чиқишни тақиқлаб қўйишди. Куник хизматкорларга, агар ташқарига чиқса, уни таёқ билан саваланглар, деб буюрган.
— Нега энди?
— Нега дейсизми? Чунки мен уларни доим ноқулай аҳволга солиб қўяман. У фирибгар, у ташландиқ менинг шляхталарга хос юриш-туришимни кўриб, гап-сўзимни эшитса ёрилиб ўлай дейди. Чунки бу ерда у муттаҳам эмас, мен хўжайин бўлишим керак. Куник Коборовонинг чинакам эгаси мен эканлигим, бу ерлар менга отамерос эканлиги ҳақидаги фикрга сира кўника олмайди!
— Демак, пан Куник... пан Куник Коборовони синглингизнинг сепи тариқасида олган экан-да, граф?

Понимирский икки қўли билан юзини ёпганича жимиб қолди. Унинг узун ва ингичка бармоқлари орасидан ёш оқиб тушмоқда эди.

«Жин урсин, нима бало бўляпти ўзи?!» — деб ажабланиб хаёлидан ўтказди Дизма.

Ит қаттиқ ингиллай бошлади ва Понимирскийнинг тиззасига сакраб чиқмоқчи бўлди. Граф атир сепилган шоҳи дастрўмолини олиб, кўзларини артди.
— Кечирасиз, — деди у, — асабларимнинг мазаси йўқ...
— Бемалол... — дея гап бошлади Дизма. Бироқ шу пайт граф истеҳзо аралаш илжайди.
— «Бемалол» деганингиз нимаси? Сиз — исмингизнн унутиб қўйдим — сиз менга ёқиб қолдингиз, шунинг учун ҳам йиғлаяпман. Инглизлар бундай ҳолда... Айтмоқчи, сиз инглизчани тушунмасангиз керак-а?..
— Йўқ, тушунмайман.
— Жуда соз, — деди хурсанд бўлиб граф. — Хафа бўлманг: сиз менга ёқиб қолдингиз! — У бармоқларининг учи билан Дизманинг елкасига қоқиб қўйди. — Агар сизни сўкким келиб қолса, инглизчалаб сўкаман, Майлими?
— Майли, — итоаткорлик билан рози бўлди Дизма.
— Лекин муҳими бу эмас. Ёдингизда бўлсин: гарчи Куник муттаҳам бўлиб, бизнинг Коборовони ўзлаштириб олган бўлса-да, унинг ҳақига хиёнат қилиш мумкин эмас. Чунки келажакда мен уни судга бериб, ер-мулкимизни қайтариб оламан-да, ўзини қаматаман. Нинани эса ўз васийлигимга оламан. Соат неча бўлди?

Дизма чўнтагидан соатини олди.
— Етти ярим бўлибди.
— Етти ярим дейсизми? Дарров-а? Тезроқ павильонга боришим керак? Акс ҳолда менга кечки овқатни бермай қўйишади. Хайр. Афсус, сизга яна анча нарсалар ҳақида гапириб бермоқчи эдим. Эртага худди шу пайтда яна келинг. Келасизми?»
— Хўп, келаман.
— Ҳа, яна бир гап айтмоқчиман. Мени кўрганингизни ҳеч кимга айтманг, хўпми. Айтмасликка сўз беринг!
— Сўз бераман.
— Ҳай, майли, гарчи фамилиянгиз ва афт-башарангиздан таги паст эканлигингиз шундоқ кўриниб турган бўлса-да, сизга ишонаман. Оми одамларда виждон бўлмайди, лекин сизга ишонаман. Хайр!

У шартта орқасига ўгирилди-да, хиёбондан тез-тез юриб кетди. Ити ҳам қийшиқ оёқларини пилдиратиб, унинг ортидан югурди.
— Ақлдан озган экан, — деди Дизма, граф муюлишдан ўтиб, кўздан ғойиб бўлгач. — Телбанинг худди ўзгинаси. Нималарни вайсамади-я!.. Бадавлат жанобларнинг дилида доим бирор қабиҳлик бўлади... Балки, унинг гаплари ростдир... Жин урсин... Куник! Уни аблаҳ деди-я... Э, менинг нима ишим бор?

Никодим қўл силтади-да, тамаки тутатди. Узоқдан бонгнинг чўзиқ жаранглагани эшитилди. Кечки овқатга чақиришмоқда эди. Дизма ўрнидан туриб, уй томон йўл олди.

4-боб

Стол ёнида турган басавлат хизматкор лакопчаларни аста алмаштириб қўйди. Дастурхонга навбати билан бир неча хил таом тортилганди. Никодимнинг кайфияти нонушта пайтидагига қараганда анча дуруст эди. Қуницкий — эҳтимол Куник — ишлар ва Дизма билан қизиқмай қўйганди. У энди сухандонлик ўқларини хотини билан қизига қараб сочар, улардан харид қилган нарсалари ҳақида сўраб-суриштирарди.

Пани Нина одоб билан, аммо совуққина қилиб жавоб берар, Кася эса «ҳа» ёки «йўқ» дея минғирлар, баъзи саволларга мутлақо жавоб ҳам бермасди. Понимирский билан ғалати суҳбатдан сўнг Никодим қизининг Куницкийга нисбатан сурбетлик даражасига бориб етадиган бундай ҳурматсизлик қилиши сабабини сира тушунолмай қолди. У бундай муносабат муаммосини тушунишга ҳаракат қиларди-ю, бироқ ўйлаб-ўйлаб тагига етолмасди.

Овқатланиб бўлишгач, Куницкий сайр қилишни таклиф этган эди, Кася елка қисиб қўя қолди. Нина эса:
— Майли, бажону дил, — дея жавоб қилди.

Қуницкий оғир ҳассасини тўқиллатиб сигара тутатганича Нина билан олдинда борарди. Улар паркнинг, Дизма ҳали кўрмаган томонига қараб юришди. Бу ерда тарвақайлаган дарахтлар бўлмай, ҳамма ёқ майсазор ва гулпушта қилиб қўйилган эди. Фақат аҳён-аҳёнда қорамтир тусга кириб бораётган осмон тархида айрим дарахтларнинг кўркам қуббаси кўриниб қоларди.

Никодим зарурат юзасидан Касянинг ёнида қолди. Улар индамай боришарди. Теварак-атроф жимжит эди. Фақат олдинда оҳиста суҳбатлашиб бораётган Куницкий билан Нинанинг узуқ-юлуқ товуши қулоққа чалинарди. Умуман хиёбон бўйлаб аста қадам ташлаётган баланд бўйли, хушқомат жувоннинг ёнида қўлларини силкитганича пилдираб бораётган чолни кўрган одамнинг кулгиси қистарди.
— Теннис ўйнашни биласизми? — дея сўради Кася.
— Менми? Йўқ. Билмайман.
— Қизиқ.
— Нимаси қизиқ экан.
— Чунки ҳозирги эркакларнинг ҳаммаси теннис ўйнашни билади.
— Бу ўйишга ўрганишга вақтим бўлмаган. Фақат бильярд ўйнашни биламан.
— Рости билан-а? Жуда қизиқ. Айтинг-чи. Кечирасиз, мен ҳозир... — деди Кася бирдан ва гулпушта томон югуриб кетди.

Дизма нима қиларини билмай тўхтаб қолди. Бироқ Кася тезда қўлида тамаки гули тутганича қайтиб келди. Гулдан хўшбўй ҳид таралмоқда эди. Кася уни Никодимнинг димоғига тутди. Қиз гулни мен учун узиб келди, деб ўйлаган Дизма қизариб кетди ва гулни олмоқчи бўлиб қўл узатди.
— Э, йўқ, гул сизга эмас. Ҳидлаб кўринг. Ажойиб-а, тўғрими?
— Ҳа, албатта, жуда хушбўй экан, — деди хижолатда қолган Никодим.
— Сиз ўзингизга жуда бино қўйган кўринасиз!
— Мен-а? Нега энди? — ажабланди Дизма.
— Дарров, бу гулни менга ҳадя этяпти, деб ўйладингиз. Чамаси, аёллардан тез-тез гул олиб турсангиз керак-да?

Умри бино бўлиб биронта аёлдан гул олмаган Дизма ҳар эҳтимолга қарши:
— Ҳа, шунақаси ҳам бўлиб турарди, — дея жавоб қилди.
— Пойтахтдаги киборлар жамиятида сиз кучли шахс сифатида обрў қозонган бўлсангиз керак-а?
— Мен-а?
— Отам айтган эдилар. Сиз чиндан ҳам шунақа одамга ўхшайсиз. Шундай қилиб, бильярд ўйнашни биламан денг?
— Ҳа, ёшлигимда ўрганганман, — жавоб берди Дизма, лисковлик Аронсон қандолатхонасидаги тамаки тутунига тўлиб турадиган кичкинагина бильярдхонани эслар экан.
— Бизникида ҳам бильярд бор. Аммо ҳеч ким ўйнашни билмайди. Агар вақт топиб, ўргатсангиз, бажону дил ўрганардим...
— Сиз-а? — ажабланди Дизма. — Аёл кишининг бильярд ўйнаганини сира кўрган эмасман. Ахир бу эркакларнинг ўйини-ку.
— Мен ўзим шунақа, эркакларнинг ўйинини яхши кўраман. Хўш, ўргатасизми?
— Жоним билан.
— Ҳозироқ бошлайлик бўлмасам.
— Йўқ, — дея эътироз билдирди Дизма. — Бугун ишим кўп. Ҳисоб-китоб дафтарларини кўриб чиқишим керак.
— Ҳм... Сизни жудаям хушмоамала деб бўлмас экан. Лекин характерингизнинг ўзи шунақа бўлса керак.
— Хўш, бу, яхшими, ёмонми? — дея юрак ютиб сўради Никодим.
— Нима яхшими, ёмонми? — совуққина қайта сўради Кася.
— Характеримнинг шунақалиги-да?
— Биласизми... Сизга очиғини айтаман. Мен қўлидан иш келадиган одамларни яхши кўраман. Лекин бундай одам дадамларга ўхшамаслиги керак. Ҳа, бир нарсани олдиндан, ҳм.. билиб олмоқчи эдим... Агар очиғини айтсам хафа бўлмайсизми?
— Худо сақласин!
— Ундай десам, бу билан менинг ишим йўқ.
— Тушунмадим.
— Сиз гапнинг пўскалласини яхши кўрасизми?
— Нима?
— Кўриб турибман, дудмал гапни ёмон кўрар экансиз. Жуда яхши. Гап бундай, агар сизга баъзан илтифот кўрсатгудек бўлсам, бундан нотўғри хулоса чиқариб юрманг. Бошқача қилиб айтганда, мендан гул кутманг.

Никодим ниҳоят қизнинг нима демоқчи эканлигини тушунди-да, кулиб юборди.
— Мен бу нарсани хаёлимга ҳам келтирган эмасман.
— Жуда яхши. Бошиданоқ ораии очиқ қилиб олганимиз маъқул.

Дизма негадир ранжигандай бўлиб, ўйламай-нетмай деди:
— Гапингиз тўғри, шунинг учун мен ҳам очиғини айтмоқчиман: сиз ҳам менга ёқмайсиз.
— Ростдан-а? Ундай бўлса янаям яхши, — деди кутилмаган бу гапдан бир оз эсанкираб қолган Кася. — Бундай фикр алмашув бильярд ўйинини ўрганишимизда анча осонлик туғдиради.

Эр-хотин Қуницкийлар ортларига қайтишиб, уларга келиб қўшилишди. Кася Нинанинг қўлтиғидан олиб, унга қўлидаги гулни узатди:
— Бу сенга, Нина, ахир сен тамаки гулини яхши кўрасан-ку, шундай эмасми?..

Куницкий Касяга ўгирилиб қаради. Қоронғи тушган бўлса-да, Дизма унинг кўзи ғазаб билан ёнаётганини яққол сўзди.
— Бундай намойишнинг нима ҳожати бор? — деди чол жаҳл билан янада қаттиқроқ шушулаб.
— Уни узиб бекор қилибсан. Гулнинг умри бусиз ҳам жуда қисқа-ку, — деди хижолат чеккан Нина астагина..

Улар бир-бирларига яхши уйқу тилаб, вестибюлда хайрлашишди. Бироқ Дизма уйқуни хаёлига ҳам келтирмаган эди. У қандай бўлмасии Куницкийнинг хўжалик ишларини тушуниб олишга аҳд қилганди. Бу жуда мушкул иш эди: бутун-бутун саҳифалар, қатор рақамлар, у билмайдиган ёки уларнинг сирли маъносини охиригача тушуниб етолмайдиган қандайдир ғаройиб, ғаним сўзларга тўлдириб юборилганди. Дисконт, полуфабрикат, ҳимоя солиғи, иккинчи страхование, компенсация, тенденция, нархни ошириш, эквивалент — мияси ғовлаб кетган Дизманинг пешанасини тер қоплади.

У овозини чиқариб ўқиб кўрди, бироқ бунинг ҳам фойдаси тегмади. Ўзи ўқиётган жумлаларнинг мазмуни миясидан чиқиб, ҳавога учиб кетаверарди. Никодим стол ёнидан сапчиб турди-да, мушти билан бошига урганича, ҳисоб-китоб дафтарларига ланъат ўқиб, хонада у ёқдан-бу ёққа юра бошлади.
— Тушунишим керак, — дерди у қайсарлик билан, — бу ишнинг тагига етишим лозим, бўлмаса ҳолимга вой.

У яна ўтириб ўқий бошлади, яна сапчиб ўрнидан турди.
— Йўқ, беҳуда уриняпман.. Миям ёрилса ёриладики, аммо бу лаънати ишнинг тагига етолмайман.

У ваннахонага бориб, совуқ сувнинг жўмрагини очди-да, «Ёрдами тегармикин ёки йўқми?..» дея ўйлаганича бир неча минут бошини сувга тутиб турди.

Бунинг ҳам нафи тегмади. У туни бўйи қоғозлар устида мук тушиб ўтириб чиқди. Бироқ шунча уринишларининг натижаси қаттиқ бош оғриғи бўлди, холос. У Коборово хўжалиги ҳақида бир оз тасаввур ҳосил қилди. Аммо бу тасаввур шунчалик юзаки эдики, иш юритиш у ёқда турсин, ҳатто Куницкий билан гаплашиш учун ҳам камлик қиларди.

«Нима қилмоқ керак ахир?»

Никодим узоқ ўйлаб, осонликча жон бермасликка аҳд қилди.

«Иш бошлашни пайсалга соламан, бу орада, балки, бир жойдан нажот йўли топилиб қолар».

Куницкий ҳисоб-китоб дафтарлари уюлиб ётган стол ёнида бошини чангаллаб ўтирган Дизманинг ёнига кирганида соат тўққиз бўлган эди.
— Азизим, пан Никодим, — дея қичқирди чол гўё ранжигандек бўлиб, — нима қиляпсиз ўзи! Мутлақо ухламабсиз-ку, ахир! Меҳнатсеварлик ҳам эви билан-да, соғлиқ ҳам керак-ку одамга.
— Бало ҳам урмайди менга, — тўнғиллади Дизма. — Ишни бошлаганимдан кейин уни охирига етказишим керак.
— Жуда қайсар экансизу... Хўш, қалай?
— Ҳеч нима деёлмайман.
— Азизим, пан Никодим, чиндан ҳам ишлар жуда батартиб-а? Аниқ, лўнда, саришта...

Дизма сўкиб юборишига сал қолди.
— Чиндан ҳам ҳаммаси батартиб экан, — деди у ғижиниб...
— Нима? Рости билан-а? Ҳамма ишни ўзим қиламан. Бу механизмнииг ипидан-игнасигача менга беш панжадек маълум. Шу боисдан ҳам хизматчиларимдан биронтаси мени алдаб кетолмаслигига имоним комил. Энди ҳар қалай ишни йиғиштиринг. Ҳозир нонушта қиламиз. Ҳали иш учун вақтингиз кўп, бугун сиз билан ҳеч қаёққа бормаймиз. Қоғоз фабрикасида қурилиш комиссиясининг мажлисини ўтказишим керак, сўнгра Котилувкадаги ўрмонни кўргани бораман.

Никодим билан Куницкий емакхонага кириб боришганида, хонимлар уларни кутиб ўтиришган эди.
— Вой, мунча рангингиз оқариб кетибди!.. — дея гап қотди пани Нина.
— Бир оз бошим оғрияпти.
— Бир тасаввур қилинг-а, — дея саннай кетди Куницкий, — пан Никодим мижжа ҳам қоқмабди. Туни билан ҳисоб-китоб дафтарлари устида ўтириб чиқибди.
— Балки бош оғриғи дори ичарсиз? — сўради Нина.
— Фойдаси тегармикин...
— Ичинг, анча енгил тортасиз.

У хизматкорга дорилар солинган қутичани келтиришни буюрди. Шундан сўнг Дизма тахир дорини ичишга мажбур бўлди.
— Биласизми, Нина, — деди Кася, — пан Дизма менга бильярд ўйнашни ўргатадиган бўлди.
— Сиз бильярдни яхши ўйнайсизми?
— Ўртача, — жавоб қилди Никодим. — Бир вақтлар яхши ўйнардим.
— Балки, машқларни нонуштадан сўнг бошлармиз? — дея таклиф этди Кася.
— Мен эса сизларни томоша қиламан, — қўшимча қилди Нина.
— Хо-хо, — кулиб юборди Куницкий, — пан Никодимни мендан бутунлай тортиб олмасанглар, деб қўрқиб қолдим.
— Эрим сизни биздан қизғаняпти, — дея жилмайди Нина. Дизмага аёл унга хайрихоҳлик билан қараётгандек туюлди.

«У жуда меҳрибон бўлса керак», — хаёлидан ўтказди Никодим.

Куницкий нонушта қилиб бўлишгани заҳоти улар билан хайрлашди-да, пилдираганича ўзини кутиб турган автомобиль томон йўл олди.

Кася бильярдни ўйинга ҳозирлашни буюргач, уларнинг учови бильярдхонага ўтишди.

Машқ Дизманинг кийни қандай ушлаш лозимлигини кўрсатишидан бошланди. Сўнгра у соққани қандай уриш лозимлигини тушунтирди.

Кася ҳаммасини тез ўрганди: унинг қўли бақувват, кўзи ҳам мўлжални тўғри оларди.
— Сиз ҳали жуда яхши ўйнайдиган бўласиз, — деди Дизма. — Фақат бир оз машқ қилишингиз керак.
— Демак, Кася зийрак шогирд экан-да? — дея сўради Нина.
— Ҳа, кийни биринчи марта ушлаган одам сифатида жуда яхши ўйнади.
— Бильярд ўйинида энг қийини нима? — сўради Кася.
— Карамболь.
— Илтимос, кўрсатинг,

Дизма соққаларни стол устига тикди.
— Марҳамат, қаранг, — дедн у, — энди мен ўз соққамни шундай ураманки, у бориб кетма-кет икки соққага урилади.
— Бундай бўлиши мумкин эмас: улар бир чизиққа жойлашмаганку, ахир.
— Худди шуни карамболь дейишади-да, — дея жилмайди Никодим, аёлларни қойил қолдирганидан мамнун бўлиб. — Унинг бутун сири соққанинг турли жойда стол четига урилиб, йўналишини ўзгартиришида. Карамболь. мана бунақа бўлади.

У соққани кий билан аста урган эди, карамболь ҳосил бўлди-қўйди. Хонимлар буни кўриб лол қилишди.
— Ахир бу геометрия-ку, — дея ажабланди Нина.
— Мен буни сираям ўргана олмайман, — гап қотди Кася.
— Балки, сиз ҳам уриниб кўрарсиз? — деди Дизма Нинага қараб.
— О, мен мутлақо ўйнолмасам керак, — жавоб қилди Нина. Лекин кийни қўлига олди.

Жувон чап қўлини кийга қай йўсинда тиргак қилишни билолмаган эди, Дизма унга тушунтира бошлади. Никодим қўлни столга қандай қўйиши лозимлигини кўрсатаётиб, аста унинг билагидан тутди. Нинанинг териси жуда силлиқ ва майин экан. Бу қўллар меҳнат нималигини билмаса керак, — дея хаёлидан ўтказди Дизма...

«Бадавлат бўлиш жуда ажойиб нарса-да, — дея ўйлади у яна, — бир имо қилсанг бас — кўнглинг тусаган нарсани бажо келтиришади...»
— Хўш, пан Дизма, — деди Нина, — мени ўргатгингиз келмаяпти, шекилли?
— Кечирасиз. Шунчаки... хаёл суриб қолибман.
— Қизиқ, нима ҳақида хаёл сурдингиз?
— Шунчаки ўзим... қўлингиздан тутганимдан сўнг: бундай нозик қўллар меҳнат нималигини билмаса керак деб ўйладим.

Нина қип-қизариб кетди.
— Рост айтдингиз. Ўзим ҳам анчадан бери уялиб юрибман. Бирон ишга қўл урай десам иродам заифлик қилади. Эҳтимол, шароитнинг ўзи шундай бўлгани учун ялқовлик қилаётгандирман.
— Албатта, шунча пули бор одам ишлаб ҳам нима қиларди, — деди Дизма мутлақо беғараз.

Нина лабларини тишлаб, ерга қаради.
— Сиз юз-хотир қилмай гапирдингиз, лекин, тан оламан, сиз ҳақсиз.

Жувоннинг нима демоқчилигини тушунолмай қолган Дизма бир оз гангиб қолди.
— Пан Дизма ростгўйликнинг худди ўзгинаси экан. Ўйлаган нарсасини бетингга айтади-қўяди, — деди Кася.
— Ноёб фазилат, — дея жавоб қилди Нина.
— Очиғини айтганда, бундай қилиш ҳамма вақт ҳам атрофдагиларга ёқавермайди.
— Лекин фойдаси бор. Менга сохта мақтовдан кўра аччиқ ҳақиқат юз карра кўпроқ ёқади...
— Менимча, мақтов билан пан Дизма — бир-бирига тўғри келмайдиган тушунча. Айтинг-чи, — деди Кася Никодимга қараб, — сиз, бирон марта бўлсин, аёлларга хушомад қилганмисиз?
— Бўлмасам-чи. Агар мен чиройли аёлни кўрсам, унга бирор ёқимли гап айтишим мумкин.
— Фақат шуми? Хўш, масалан, менга нима деган бўлардингиз?
— Сизгами?.. Ҳм... — Дизма хаёлга чўмиб, гўштдор иягини ишқаб қўйди.

Кася ҳахолаб кулиб юборди.
— Кўрдингми, Нина, мақташга келганда пан Дизма шунақа қийналиб қоладилар. Илтимос, мен тўғримда бирор нарса денг. Агар мени умуман мақтай олмасангиз, бирор айрим жойимни топиб мақтанг...

Қизнинг нозик тук қоплаган қорамағиз юзига қон югурди. Никодим ичида, Кася кўҳликкина экан, деб ўйлади. Лекин у барибир қандайдир сирли кўринарди. Қизнинг Нинага тикилган қўй кўзларида ўқтин-ўқтин қандайдир ғалати бир ифода учқунларди.
— Сизнинг қулоқларингиз чиройли экан.
— О!.. — дея ажабланди Кася. — Сиздан шу гапни эшитаман деб сира ўйламагандим. Бултур қишда Ривьерада бўлганимда, маэстро Берганонинг ўзи менга худди шу гапни айтган эди.

«Бергано дегани ким бўлдийкин? Оббо лаънати, қўлга тушдиму», — деган хаёл кечди Никодимнинг миясидан. У шоша-пиша деди:
— Тасвирий санъатни яхши тушунмайман. Унга ҳеч қачон қизиққан эмасман.
— Аммо бу нарса сизнинг улуғ рассомлар каби нозик дид билан баҳо беришингизга халал этмас экан, — дея мулойимгина эътироз билдирди Нина.

Кася кийни стол устига қўйди-да, бугунчалик бильярд ўйини жонига текканини айтди.
— Бориб қайта кийиниб чиқаман. Сиз мен билан бирга от миниб сайр қилгани бормайсизми?
— Раҳмат, ҳали қиладиган ишларим кўп, — жавоб қилди Никодим.
— У ҳолда бир ўзим бораман. Кечгача хайр, Ниночка, — Кася Нинанинг бўйнидан қучиб, лабидан ўпди.

Нина билан ёлғиз қолишгач, Дизма деди:
— У сизни ўз онасидек яхши кўрар экан. Нина орқасига ўгирилиб, дераза олдига борди.
— Биз бир-биримизни опа-сингиллардек яхши кўрамиз.
— Чамаси, ёшингиздаги фарқ унча катта бўлмаса керак. Мен сизларни аввалига опа-сингил деб ўйладим, Лекин табиатингиз ҳар хил экан...
— Ҳа, — дея тасдиқлади Нина, — характер жиҳатидан ҳам, дунёқараш жиҳатидан ҳам биз бир-биримизга ўхшамаймиз.
— Аммо барибир бир-бирингизни яхши кўрасиз. Нина жавоб бермади. Суҳбатни қандай давом эттиришнн билмай қолган Дизма хайрлашишга қарор қилди, — Мен борай энди. Яхши қолинг, Нина жавобан бош ирғадида, сўради: — Сизга бошқа ҳеч нарса керак эмасми?
— Йўқ, миннатдорман.
— Марҳамат, агар бирор нарса керак бўлиб қолса, тортинмай хизматкорларга буюраверинг...
— Раҳмат...

Дизма таъзим қилиб, хонадан чиқиб кетди. У оғир қадам ташлаб коридордан борар экан, Нина Никодимнинг қип-қизил бўйни ҳамда кенг ва беўхшов елкасига тикилиб турди.

«Кучли одам шунақа бўлар экан-да, — хаёлидан ўтказди у. — Қизиқ... Ҳарқалай... Эҳ, хаёлпарастлигим қурсин!..» дея кулиб юборди Нина ва бармоқларини чирмаштириб, бутун гавдаси билан керишди.

Дизма яна Куницкийнинг ҳисоб-китоб дафтарларини ўқий бошлади, бироқ унинг мияси тундагидан ҳам баттарроқ ишламай қўйганди. Бу беҳисоб рақамларнинг тагига етиб бўлмайдигандек туюларди унга.
— Э, жин урсин! — дея сўкинди Никодим. — Ўзим ҳам ғирт тўнка эканман.

Дизма гимназияни эслади. У ерда тушунмаган нарсангни ҳеч бўлмаса ёдлаб олишинг мумкин эди. Тўғри, жуда машаққатли иш, лекин шу йўл билан ўқитувчининг дағдағасидан қутуларди. Ниҳоят, агар ёдлай олмасанг ўзингни касалга солиб, дарсга бормаслигинг ҳам мумкин... Бу ерда эса қутулишнинг чораси йўқ... Чунки ёдлаб олишнинг иложи йўқ, касал бўлиш эса...

Никодим бирдан:

«Касал бўлиб олсам-чи? — деб ўйлаб қолди. Хўш, бундан нима фойда?

«Ҳарқалай ишдан ҳайдалишни бир неча кун... ҳатто бир неча ҳафта орқага сураман-ку...»

Ажойиб фикр! Балки, бу орада бирор нарса ўзгариб қолар...

«Ҳа... — дея бир қарорга келди Никодим. — Ўйлаб ўтиришнинг нима ҳожати бор? Эртага эрталабданоқ касал бўлиб оламан — вассалом!»

У қандай касалликни танласам экан деб, бош қотира бошлади, Юқумлиси бўлмайди: касалхонага жўнатишлари мумкин. Ошқозоним оғрияпти, дейиш ҳам мумкин эмас: овқат бермай қўйишади.

«Бод касалим қўзғади, десам-чи?»

Дизма ҳатто хурсанд бўлиб кетди:

«Шуниси маъқул, майли, доктор ҳам чақириб кўришсин, у ҳам барибир ҳеч нимани билолмайди».

Хизматкор тушки овқатга чақиргани келганида, Дизма, ўнг қўлим билан ўнг оёғимда бод касали қўзғади, дейишга қарор қилиб қўйган эди. У шу бугуноқ, кечки овқат маҳали оёқ-қўли оғриётганидан шикоят қилади, эртага эса бутунлай каравотдан турмай қўя қолади. Ўйлаб топган ҳийласидан Дизманинг бир зумда кайфи чоғ бўлиб кетди.

Стол атрофида ҳаммаси хурсанд ўтиришарди. Чамаси хўжайиннинг йўқлиги хонимларга яхши таъсир қил.ганди. Суҳбат Касянинг тиббиётни ўрганиш учун Швейцарияга жўнаши хақида бормоқда эди.
— Университетдан сўнг амалий иш билан шуғулланмоқчимисиз? — дея сўради Дизма.
— Касал бўлсак, сенга бориб даволанар эканмиз-да, — деди кулиб Нина. — Сен-ку даволатарсан, — гап қотди Кася лекин пан Дизмага келсак...
— Бераҳм экансиз... Мабодо тобим қочиб қолса-ю, яқин атрофда врач топилмаса-чи?
— Сиз гапимни нотўғри тушундингиз, Мен аёллар касаллиги бўйича мутахассис бўламан.
— Шунака денг? Афсус. Менинг бодим бор. Бу касал билан эса кўпроқ эркаклар оғришади.
— Нега энди хотинлар ҳам оғришади... — деди Нина — Ҳаммаси касалликнинг сабабига боғлиқ.
— Меники урушнинг асорати, — дея жавоб қилди Никодим.
— Сиз офицер бўлганмисиз?
— Йўқ, оддий аскар эдим.
— Қандай ажойиб-а. Кўпгина машҳур кишилар ўшанда кул ранг солдат мундирини кийиб жанг қилишган. Мундирлар кўк рангда эди, — дея билағонлик билан жувоннинг гапини тўғрилади Дизма.
— Албатта, умид ранги — сиз буни нозик ҳис этибсиз
— Ярадор бўлганмидингиз?
— Йўқ. Урушдан қолган ягона хотира — бод касалим.
— Орденлар ҳам олгандирсиз, албатта?

Никодим орден олмаган эди, аммо у дарҳол ёлғон ишлатди:
— «Virtuti Militali» , бундан ташқари унвонимни ҳам оширишди. Сал бўлмаса генерал бўлиб кетардим.
— Қандай қилиб?
— Мени унтер-офицер даражасига кўтаришди. Агар уруш тугаб қолмаганида, эҳтимол, генераллик унвонигача етиб борардим.
— Лекин урушдан сизда фақат ёқимли хотиралар қолибди.
— У пайт ҳаётимнинг энг яхши даври эди, — деди Никодим ростига кўчиб.
— Тушунаман. Гарчи аёл киши бўлиб, ўзимни яраланган ва ўлаётган одамлар орасида бахтли деб ҳис этолмасам-да, ҳақиқий эркак учун урушнинг нима эканлигини яхши тасаввур қиламан. Урушда чинакам эркаклик туйғулари намоён бўлади. Ўртоқлик руҳи, кураш...

Дизма жилмайди. Шу тобда у телеграф батальонининг казармалари, сержантлардан бирининг товуқхонаси, иссиқ қаҳва, қорни тўйиб, бекор юрган пайтларини эслади.
— Ҳа, йиртқич ҳайвонга айланасан у ерда, — дея тасдиқлади у.
— Жонгинам, — деди Нина Касяга мурожаат қилиб, боя узилиб қолган гапини давом зттирар экан, — ҳарқалай тан олишинг керак: урушнинг ҳам ўз жозибаси бор. Бу нарса айниқса биз аёлларга қаттиқ таъсир қилади.

Кася елкасини қисди:
— Ҳаммага ҳам бундай эмас.
— Барча аёллар, — деди Никодим, — лапашангликдан қўпол кучни афзал кўришади.
— Ўзингизни бозорга солмай қўя қолинг, — дея кулиб юборди Нина.

Яна бир оз суҳбатлашиб ўтиришгач, Дизма ўзига ажратилган хонага йўл олди. У паркда хўжайинларнинг сирини бажону дил айтиб берадиган анови телба граф билан учрашиши лозимлигини унутмаган эди.

Ҳеч ким кўрмаётганига ишонч ҳосил қилғач, Никодим айвонга чиқди-да, тусмол билан кекса арғувон тагидаги курсига олиб борадиган хиёбон бўйлаб юриб кетди. Бироқ у ҳадеганда ўша курсини топа олмади. Шундан сўнг у Понимирский билан учрашишдан умудини уза бошлаган эди, яқингинада итнинг вовиллагани эшитилиб қолди.
— Шу ерда экан! — хурсанд бўлди Никодим. Чиндан ҳам нарироқда сершох қора қайин остида тинмай вовиллаганича Понимирскийнинг ити ирғишламоқда эди. Дизма бошини кўтариб, юқорига қаради-ю, ҳайратдан донг қотиб қолди: ёш граф шохнинг айрисида ўтирарди.
— А, бу сизмисиз! — дея қичқирди у юқоридан. — Жуда яхши!

Понимирский ерга осонгина сакраб тушди-да, Дизмага бош ирғади.
— Куникка мен ҳақимда гапирдингизми? — сўради у, Никодимга шубҳа билан тикилар экан.
— Йўғ-е, худо сақласин! Иннайкейин, унинг ўзи уйда йўқ ҳам.
— Буниси яхши бўлибди. Дарахтга чиқиб ўтирганимни кўриб ажабланмадингизми?
— Йўқ, нега энди.
— Биласизми, буни атавизм дейдилар. Баъзан одамнинг жуда ҳам ибтидоий аҳволига қайтгиси келиб қолади. Сизда ҳам ҳеч шундай бўлганми, пан... Фамилиянгиз нима эди?
— Дизма.
— Ҳа, ҳа, Дизма. Аҳмоқона фамилия экан. Исмингиз-чи?
— Никодим.
— Қизиқ, сира Никодимга ўхшамайсиз-ку. Ҳай, майли, бунинг аҳамияти йўқ. Итим Брут ҳам Брутга ўхшамайди. Ўзимни кўрган одам ҳам исмимни Жорж деб ўйламайди. Демак, анови аблаҳ қаергадир кетди, дедингизми?
— Ҳа, бир кунга кетди.
— Яна бирор қаллоблик қилмоқчидир-да. У биздан Коборовони тортиб олганидан хабарингиз борми?
— Йўқ, бу тўғрида ҳеч нима эшитмаганман.
— Куник судхўрлик билан шуғулланарди. Бир пайт отам анчагина пул қарздор бўлиб қолди. Боз устига урушнинг касри тегиб, молиявий аҳволимиз жуда мушкуллашиб қолди. Шундан сўнг Куник ишни осонгина чувалаштириб юборди ва охир-оқибатда отамни Коборовони ёлғондакимига сотишга кўндирди.
— Ёлғондакамига дейсизми? — Аниқ билмайман, бу ишга тишим ўтмайди. Шуниси маълумки, у муттаҳамчилик йўли билан ер-мулкимизни ўзлаштириб олди. Ҳай, майли. Ҳали уни авахтага тиқишади.
— Хўп, яхши, — дея эҳтиёткорлик билан гап бошлади Дизма, — нега бўлмасам синглингиз Куниц... ўша Куникка турмушга чиқди?
— Отамни яхши кўрганидан. Агар Коборовони ташлаб кетишга тўғри келганида отам буни сира чидаёлмасди. Муттаҳам Куник эса буни сезиб қолди-да, отамга: агар Нина менга турмушга чиқса, Коборовони ўнинг номига ёздириб қўяман дея ваъда қилди. Фақат шу йўл билангина отамерос мулкимиз Понимирскийлар қўлида қолиши мумкин эди. Синглим шу ишни деб ўзини қурбон қилди, мана энди жабрини тортяпти. Чунки отам тўй ўтгач, бир йилдан сўнг барибир дунёдан ўтди. Анави аблаҳ эса Нинани алдаб-сулдаб жуда катта пуллик векселларга қўл қўйдирибди-да, сўнг ваколатнома ёздириб олибди. Синглимнинг ўз ер-мулкида бекалик қилолмаслигининг сабаби ҳам ана шунда. Аблаҳ Куник бу ерда ҳамма ишга хўжайин бўлиб олган.
— Унинг қизи-чи, бу ишларга у қандай қараяпти?
— Касями? Маймун у. Лекин Куникни ёмон кўради: айтишларига қараганда, у албаҳ Касянинг онасини хўрлаган экан.
— У ўлганми?..
— Ким?
— Пан Куникнинг биринчи хотини-да!
— Қанақа пан? — дея ҳурпайди Понимирский. — Муттаҳам у, аблаҳ у, пан эмас. Мен пан бўламан! Тушундингизми?
— Тушундим, тушундим, — деди шошилиб Дизма, — Демак, ўлган экан-да?
— Биринчидан, бу билан менинг ишим йўқ, иккинчи» дан, ўлганига анча бўлган. Менга папирос беринг.

Понимирский папирос тутатди-да, оғзидан ҳалқа-ҳалқа тутун чиқарганча хаёлга чўмди... Унинг кечагига қараганда бугун анча хотиржам эканлигини пайқаган Дизма ботиниб сўради:
— Сизни уйдан нега чиқариб юборишган?

Понимирский унинг саволига жавоб қилмай Дизманинг кўзига узоқ тикилиб турди. Ниҳоят, у Никодим томон энгашди-да:
— Эҳтимол, сизнинг менга фойдангиз тегиб қолар, — дея шивирлади.
— Мени-я? — ажабланди Дизма.
— Жи-и-им! — Граф атрофга алнаглаб қарай бошлади. — Кимдир гапимизни эшитаётганга ўхшайди.
— Бу ерда ҳеч ким йўқ-ку.
— Жим, Брут! Қани, қидир жосусни. Қидир деяпман! Ит эгасига эсанкираб тикилганича жойидан қўзғалмай тураверди.
— Ҳе, махлуқ! — деди зардаси қайнаб граф. — Йўқол бу ердан.

У ўрнидан туриб, оёқ учида юрганича буталар ичини айланиб чиқди. Сўнг яна курсига келиб ўтирди-да, ибратомуз оҳангда деди:
— Эҳтиёткор бўлган дуруст.
— Менга фойдангиз тегиши мумкин дедингиз... — дея эслатди Дизма.
— Ҳа. Сиздан қурол сифатида фойдаланаман. Лекин сиз менинг ҳамма гапимга миқ этмай қулоқ солишингиз керак. Бу ҳақда ҳеч кимга оғиз очмайсиз. Аввало сиз Варшавага, холам пани Пшеленскаянинг олдига боришингиз керак. Холам жуда тентак, шу билан бирга жуда ҳурматли зот. Кеча тўғри айтган эдингиз: ҳурматли зотларнинг аксарияти тентак бўлишади...
— Чиндан ҳам шундай...

Понимирский истеҳзо билан башарасини бужмайтирди.
— Лекин сиз бу қонундан истисно экансиз, — дея гапини давом эттирди у. — Чунки сиз ҳам аҳмоқсиз, аммо сизни ҳурматли зот деб бўлмайди. Бироқ бунинг аҳамияти йўқ. Бизни муҳимроқ ишлар кутяпти. Гап бундай: Пшеленская холамнинг таниш-билишлари жуда кўп, кейин у Куникни кўргани кўзи йўқ. Шунинг учун ҳам у менинг ишим юзасидан сизга ёрдам берарди.
— Қанақа иш юзасидан?
— Мен гапираётганимда жим туриб эшитинг, жин урсин сизни! Куник мени жинни деб эълон қилди. Мени-я! Тушуняпсизми? Кейин менга васийлик қилиш ҳуқуқига эга бўлиб олди. Гап бундай, холам, кимлигики аниқ билмайману, лекин мутахассисларни йиғиши керак... Улар консилиум ўтказиб, менинг руҳан соғлом эканлигимни тасдиқлашлари лозим. Тушуняпсизми?
— Тушундим.
— Мен холамга хат ёзиб, сизни касбдошим сифатида тавсия қиламан. Тўғри, сиз кўринишингиздан кўпроқ этикдўзга ўхшайсиз. Лекин холам анчадан бери Куникнинг адабини беришни орзу қилиб юрибди, шунинг учун ҳам ишонади. Холамга мени таҳқирлашаётганини, тутқунликда сақлашаётганини айтасиз. Хуллас, аҳволимни обдан ёмонлаб гапириб берасиз...
— Яхши, лекин... .
— Жим! Билмасангиз, билиб қўйинг: бунинг учун мен билан дўстлашиш шарафига муяссар бўласиз. Сўнгра сизга умрбод маош белгилайман. Қалай, етадими? Ҳозир бориб хат ёзаман. Варшавага жўнашингиз олдидан батафсил кўрсатма олиш учун олдимга кирасиз. Хатни ҳам ўшанда оласиз. Агар мени чақгудек бўлсангиз, билиб қўйинг: итдек отиб ташлайман! Хайр.

У ҳуштак чалйб итини чақирди-да, бир сакраб, буталар ортида ғойиб бўлди.

«Телбалиги аниқ, — дея хаёлидан кечирди Дизма. — Лекин ҳарқалай графнинг ҳикоясида, озгииа бўлса-да, ҳақиқат борга ўхшайди. Куницкий Коборовони сотиб олганман, деганди. Хотини билан қизи уни ёмон кўришади. Турган гап, анови телба ва унинг режалари билан овора бўлиб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Аммо бир ўйлаб кўрсам ёмон бўлмайди: эҳтимол, бу чигалликдан ўзимга бирор фойда чиқаришим мумкиндир?...»

Ҳозирча у қандай фойда кўриши мумкинлигини билмасди, аммо бировнинг сиридан воқиф бўлиб қўйиш халал бермаслигини ҳис этарди. Айниқса унинг ҳозирги аҳволида бу нарсанинг нафи тегиши мумкин эди.

«Ҳеч бўлмаганда анови телбанинг гапи қанчалик ростлигини билиб қўйишн керак».

Дизманинг миясига, агар Понимирскийнинг гапи рост бўлса, у ҳолда Куницкийга сирингни фош этаман, деб пўписа қилишим мумкин, деган фикр келди. Никодим хаёл суриб борар экан, уй олдида хизматкорга дуч келиб қолди. Хизматкор унга хўжайин машинани қайтариб юборгани, ўзи эса иш чиқиб қолгани туфайли эртага қайтажагини хабар қилди.

Бу янгиликдан Дизманинг боши осмонга етди. У яна бир кун мазза қилиб дам олади! Лекин у бод касали қўзғашини пайсалга солиб ўтирмасликка қарор қилди. Ҳарқалай у Куницкий билан учрашишдан бир кун олдин касал бўлиб олса ёмон бўлмайди.

Шу боисдан ҳам Никодим кечки овқат маҳали гоҳ елкаси, гоҳ тиззасини ушлаб, гўё қаттиқ оғриқдан азоб чекаётгандек, тўлғана бошлади. Иккала аёл айниқса Нина, ачиниб унинг касалини суриштира кетишди. Дизма бод касали борлигини айтгач, аёлларнинг иккови якдиллик билан Коборовонинг нам иқлими бу касални қўзғашига сабаб бўлиши мумкинлигини тасқидлашди. Нина ҳатто буни олдиндан айтиб қўймагани учун кечирим ҳам сўради.

Компот ичиб бўлингач, оғриқ жуда авжига чиқди. Дизма хонимлардан афв этишларини сўраб, ўз хонасига йўл олди, Нина хизматкорга уни кузатиб қўйишни буюрди-да, ўзи бирор дори-дармои топиш учун хонаки аптекасига чиқиб кетди.

Дизма ўзидан хурсанд эди. У касал бўлишни ҳам жуда ўрнига қўйди. Уни ечинтириб, тўшакка ётқизган ва тез орада дори олиб келган хизматкорнинг ташвишли кўриниши ҳам шундан далолат бериб турарди.

Орадан чорак соат ўтгач, эшик тақиллаб қолди.
— Кираверинг, — дея жавоб қилди Дизма. Шундан сўнг эшик очилиб, Нинанинг товуши эшитилди:
— Қалай, тузукмисиз?
— Мазам йўқ.
— Мабодо бирор нарса керак эмасми?
— Йўқ, раҳмат.
— Яхши ухлаб туринг. Эртагача тузалиб кетасиз, деб умид қиламан.
— Тунингиз хайрли бўлсин.

Хонага сукунат чўмди. Боя тўйиб овқатланиб олган Дизмани мудроқ босди.

«Бу Нина жуда ёқимтой хотин экан, — дея хаёлидан ўтказди у уйқуга қетар экан, — графиня...»

5-боб

Коборовонинг иқлими Никодим Дизманинг касалига жуда ёмон таъсир қилди. Эрталаб унинг кечаси билан мижжа қоқмай чиққани ва оёқ-қўлидаги оғриқ янада кучайгани маълум бўлди. Оқсоч хотин Нинаха ана шундай хабар олиб келди. Сўнгра у Дизманинг олдига бир талай дори-дармон олиб қайтди-да, беканинг ўқиш учун бирор китоб керак эмасмикин, деб сўраётганини хабар қилди.

Дизманинг китоб ўқишга хуши йўқ эди. Бироқ у нодон бўлиб кўринишдан чўчиб, оқсоч хотинга китобни қўлида тутиб туришга қийналишини айтди.

Бу баҳона кутилмаган натижа берди. Эшик ортидан Нинанинг товуши эшитилди:
— Салом, пан Дизма. Аҳволингиз енгиллашмаганидан жуда хафаман. Балки, доктор чақиртириш керакдир?
— Йўқ, керак эмас, — дея қатъий оҳангда рад қилди Никодим.
— Ҳойнаҳой, зерикаётган бўлсангиз керак. Агар сизга китоб ўқиб беришса-чи?
— Лекин ким ҳам ўқиб берарди дейсиз? Нина бир оз индамай турди-да, сўнг сўради: — Олдингизга кирсам майлими?
— Марҳамат.

Нина ичкарига кириб, ҳамдардлик ва синчковлик билан Никодимга тикилди. Кейин ўзи китоб ўқиб беришни таклиф қилди. Дизма безовта қилгани учун ундан кечирим сўради, миннатдорчилик билдирди, розилик беришдан бошқа иложи қолмади.
— Қўйсангиз-чи! Арзимаган нарса-ку! Шундай ҳам ишсиз юрибман. Бундан ўзим ҳам хурсанд бўламан. Айтинг-чи, сизта қайси ёзувчининг асарини ўқиб берай?

Никодим ўйланиб қолди: Лисковда зиёли одамлар ўқийдиган бирор дурустроқ ёзувчини танлаш керак. Шу пайт у исми Джек деб талаффуз этилса-да, лекин қандайдир бошқача ёзиладиган бир инглизни эслади.
— Балки, Джек Лондондан ўқиб берарсиз? — деб илтимос қилди у.

Нина жилмайиб, бош ирғади.
— Ҳозир олиб келаман.

У тезда муқоваси чиройли бир неча китоб кўтариб қайтди.
— Сиз Джек Лондонни яхши кўришингизни эшитиб, сира ажабланганим йўқ.

Умри бино бўлиб Лондоннинг бирор асарини ўқимаган Дизма гап қотди.
— Чиндан ҳам у менга жуда ёқади, лекин сиз нега бундай дедингиз?
— Мени кечирасиз, эҳтимол бу шунчаки мақтанчоқликдир, аммо мен ўзимни анчайин кузатувчан одам деб ҳисоблайман. Гарчи сиз Splendid Isolation яъни ички туйғулар билан яшовчи киши, табиатан одамови бўлсангиз-да, характерингизни тушуниш унча қийин эмас экан.
— Наҳотки?
— Ҳа. Биз, аёллар, эҳтимол бунга илмbй йўл билан ва ҳатто методик услуб орқали эришмасмиз. Лекин биз психоанализ, бошқача қилиб айтганда, амалий психология бўйича мутахассисмиз. Бу ўринда зийраклигимиз тадқиқот методининг ўрнини босади, нозик сеза билиш қобилияти эса бизни хатолардан асрайди.

«Оббо, роса валдиради-ку», хаёлидан ўтказди Дизма..
— Шу боисдан ҳам, — дея даdом этди Нина китобни ихтиёрсиз варақлар экан, — биз очиқ китобдан кўра ёпиқ китобнинг калитини осонроқ топа оламиз.
— Ҳм, ҳар қандай китобнинг ҳам саҳифасини осонгина очиш мумкин бўлган бир пайтда қандайдир калит қидириб ўтиришнинг нима ҳожати бор? — дея эътироз билдирди Никодим..

У ёпиқ китоблар ҳақида сўз очган Нина ҳозир китобyи очмай туриб, Лондон асарини муқова устидан ўқbшни намойиш қилмоқчи шекилли, деган хаёлга борди. Шунинг учун ҳам қўшимча қилди:
— Китобни очишдан осон иш йўқ.

Нина унинг кўзига тикилди-да, эътироз билдирди:
— Йўқ, ундай эмас. Шундай китоблар борки, бу усулни ёқтиришмайди. Энг қизиқарлиси ҳам ана шу китоблар. Улар фақат хаёлан ўқиш мумкин. Ё фикримга қўшилмайсизми?
— Билмадим, — жавоб қилди Дизма сира ўйлаб ўтирмай. — Мен бундай китобларни учратган эмасман.. Жуда қимматбаҳо нашрларни кўрганман, лекин ҳар қандай китобни ҳам осонгина очиб, ўқиб чиқишим мумкин.
— Буни тушуниш қийин эмас: сиз, чамаси зериктирадиган китобларни умуман қўлингизга олмасангиз керак. Сизни қизиқтирган китоблар эса гўё магнетизм таъсирида ўз-ўзидан очилса эҳтимол. Кучли ирода соҳиби бўлмиш одамларга хос нарса бу...

Дизма: «Нималар деб валдираяпти бу хотин!» — дея ичида кулиб қўйди. Сўнг деди:
— Ахир китобнинг саҳифасини очиш учун ёш боланинг ҳам кучи етади-ку.
— Аммо сиз жуда кучли характерга эга экансиз…
— Мен-а? — ғоят ажабланди Дизма. — О, баҳслашмай қўя қолинг. Менда бу фикрни тасдиқловчи бир талай далиллар бор, — деди мағрур жилмайиб Нина. — Масалан, сизнинг Джек Лондон асарларини яхши кўришингизни олайлик... Ахир бу сизнинг дидингизга жуда хос-ку! Нега Поль Жаральди, Моруа, Уайльд, Синклер Льюис, Жеромский, Манн ёки Шоуни эмас, худди Лондонни яхши кўрасиз? Чунки Лондон тинч ижодий қаҳрамонлик поэзиясини, кураш қудратининг ибтидосини, меҳнат мадҳиясини куйлайди.

Дизма индамай қолганди.
— Ана кўрдингизми. Олдиндан айтишим мумкин: сиз Шопенни эмас, Брамсни яхши кўрасиз, сизга Янек Мальчевскийдан кўра Матейко кўпроқ ёқади, қалбингизга Сирано де Бержеракдан кўра Линдберг яқинроқ туради, готик услубда яратилган осмон ўпар биноларни барокко ва рококо услубидаги иморатлардан афзал кўрасиз...

Жувон Никодимга ёш болаларникидек катта-катта мовий кўзларини тикиб турарди. Шу тобда у: «Менга қанақа ўйинчоқ олиб келганингизни яхши биламан, амаки!» — деяётган болани эслатарди.

Дизма нима деб жавоб беришни билмай қолганди, шу боисдан ҳам, гўё қаттиқ оғриқ тургандай тўлғаниб инграй бошлади. Нина ташвишга тушиб, Никодимдан, гапим жонингизга тегмадими, эҳтимол, бир оз ухлаб олишни истарсиз? — дея сўрай бошлади...
— Менга очигини айтинг-чи, дидингизни тўғри аниқладимми?

«Жин урсин, мен буни қаёқдан билай!» — дея хаёлидан ўтказди Никодим ва ҳар эҳтимолга қарши жавоб қилди:
— Қисман тўғри аниқладингиз.
— Хўп, яхши, — деди Нина мамнуният билан ва кулиб юборди. — Келинг, бирор нарса ўқиймиз бўлмасам. «Қондошлар» ҳикоясини ўқиб берайми?
— Марҳамат.

Нина асарни ўқий бошлади. Унда ўғирлаб кетилган ит ҳақида ҳикоя қилинарди. Дизма, қачон полиция аралашаркин, дея бетоқат бўлиб кута бошлади; бироқ ҳикоя мутлақо бошқа изга тушиб кетди. Шундан сўнг секин-аста воқеанинг калавасини йўқотиб қўйган Никодимнинг қулоғига Нинанинг ёқимли товушидан бўлак ҳеч нима эшитилмай қолди.

У ҳозиргина ораларида бўлиб ўтган гап тўғрисида ўйлай бошлади ва дилида, суҳбатимиз жуда ғалати бўлди, деган хулосага келди: гўзал Нииа китоб тўғрисида эмас, гўё мутлақо бошқа нарса ҳақида гапиргандай эди... Ёки, эҳтимол, у?..

Шунда у бирдан Лисков почта идорасининг нозири пан Бочек квартирасидаги кичкина меҳмонхона, унинг эрга тегмаган икки қизи, бошланғич мактаб муаллимаси панна Валяскова, суд котиби Юрчак ва Лисковнинг «киборлар жамияти»га мансуб бўлак йигит-қизларни эслади. Қуницкийнинг саройи олдида оддий кулбадек кўринадиган бу меҳмонхонага улар цензура-цензура ўйнаш учун йиғилишарди. Панна Ледзя Бочек хона ўртасига ўтирганича ўзини китоб қилиб кўрсатарди. Шундан сўнг атрофдагилар у ҳақида турли алмойи-алжойи гапларни айта бошлашарди: биров уни ҳали варағи қирқилмаган жилд деса, бошқаси қизни ошпазлик китоби ёки шеърлар тўплами деб атар, баъзилар эса, бу китобнинг муқовасигина чиройли, аммо ичини очмаган маъқул дейишарди... Ҳа-ҳа!

Чамаси, бу ҳам шунга ўхшаган бир ўйин бўлса керак... Ҳа, худди шундай! Бироқ бу пани унга яхши гап айтдими ёки ёмонми?.. Эҳтимол, яхши гап айтгандир; ундай деса, бу боёнларни сира тушуниб бўлмайди!

«Унга ёқиб қолган бўлсам-а?.. Йўғ-е, бундай бўлиши мумкин эмас».

Нинанинг товуши ҳаяжондан титрар ва гоҳ баландлашиб, гоҳ пасаярди. Жувоннинг киприклари оппоқ ёноқларига узун соя ташлаб турарди. Қуёш нурида унинг узун сочлари ялтирарди. Дарахт япроқлари орасидан тушган шуъла гиламнинг у ер-бу ерини парча-парча қилиб ёритаркан, липиллаб ўйнарди. Ҳамма ёқни июль ойида очиладиган гуллар ва лаванданинг муаттар ҳидларн тутиб кетганди. Хонада тилла суви югуртирилган ва биринж билан безатилган муҳташам мебель ярқираб турарди. Нақшинкор шифтга ёқут шилшилалари кўзни қамаштирувчи оғир қандил осилган эди.

«Ё қудратингдан парвардигор, бир ҳафта бурун мен, Никодим Дизманинг ана шу ҳашаматли хонада, ажойиб тўшакда ётишиму, манови гўзал хонимнинг менга китоб ўқиб бериши кимнинг хаёлига келибди дейсиз!»

У кўзларини юмган эди, бирдан юраги орқасига тортиб кетди:

«Буларнинг бари шунчаки туш, шунчаки хаёл бўлса-я, агар ҳозир кўзимни очиб, яна Луцкаядаги Бартиклар уйининг қурум босган деворларини кўрсам-а? Манови товуш-чи... Бу Валентовага «Курьерни» ўқиб бераётган Маньканинг овози эмасму, ишқилиб?»

Шу пайт товуш эшитилмай қолди ва орадан бир оз вақт ўтгач, Нинанинг:
— Ухлаб қолдингизми? — дея сўрагани эшитилди. Дизма кўзларини очди-да, жилмайди:
— Йўғ-е, нима деяпсиз!
— Оғриқ босилдими? Енгил тортдингизми, ишқилиб?

Никодим яна жилмайди.
— Оғриқ босилгани йўғу, лекин анча енгил тортдим.

Нина индамади.
— Сиз шу ердалигингизда, ўзимни яхши ҳис қиламан.

Нина унга маъюсгина қараб қўйди ва ҳеч нима демади. Никодим жувоннинг укаси, анови телба уни бахтсиз деганида, рост гапирганга ўхшайди, дея хаёлидан ўтказдп. Буни ва умуман, графдан эшитган бошқа гапларни текшириб кўришнинг қулай фурсати келган эди. Шу боисдан ҳам Дизма:
— Бирор нарсадан хафамисиз? — дея сўради.
— Бу уйда кайфиятим яхши дейиши мумкин бўлган ягона одам сиз бўлсангиз керак,
— Нега энди?
— Чунки сизни бу уйга боғлаб турган бирор нарса йўқ... Эй худойим, ахир сиз ҳар дақиқада бу уйдан бутунлай бош олиб кетишингиз мумкин.

Жувоннинг кўзларида ёш милтираб, лаблари титрарди.
— Хали қочиб кетасиз ҳам...
— Йўқ, — оладиган катта маошини эслар экан, қизғин эътироз билдирди Никодим, — мен бу уйда иложи борича кўпроқ қолишни истардим.

Нина қизариб кетди.
— Сиз буни чин кўнглингиздан гапиряпсизми?
— Бошингизни қотириб нима қиламан? Албатта чин кўнглимдан.
— Ахир бахсиз кишилар орасида яшашдан чўчимайсизми?
— Сира ҳам. Кейин, сиз нега ўзингизни бахтсиз ҳисоблашингиз керак экан? Ахир ёш, соғлом, бадавлат аёлсиз, енгил ҳаёт кечирасиз...
— Эҳ! — дея унинг гапини бўлди Нина. — Шу ҳам ҳаёт бўлдими!

Дизма унга кўз қирини ташлади.
— Нима, эрингиз яхши кўрмайдими?
— Эрим? — Жувоннинг юзида нафрат ва ижирғаниш ифодаси пайдо бўлди. — Эриммиш-а! У мендан нафратланишини истардим. Мени унда нима илинжим бор? Фақат бойлик орттиришни ўйлайди, ягона ташвиши... Унинг интилишлари менга бутунлай бегона!.. У ҳеч қачон менинг қалбимни тушунишга ҳаракат қилган эмас...

Аёл лабларини тишлади.
— Дарвоқе, бу гапларни сизга нега айтаяпман?
— Айтганингиз жуда яхши бўлди.
— Сиз бусиз ҳам ҳаммасини кўриб турибсиз. Пан Никодим, айтинг-чи, ёлғиз одам, мутлақо ёлғиз одам бахтли бўлиши мумкинми?
— Билмадим... Мен мутлақо ёлғизман.
— Наҳотки? Ҳеч кимингиз йўқми? Оила ҳам қурмаганмисиз?
— Ҳеч кимим йўқ.
— Бу ҳолдан эзилмайсизми?
— Чамаси, эзилмасам керак.
— Чунки сиз эркаксиз. Боз устига одамовисиз, иродангиз кучли, табиатан барқарорсиз, шунинг учун ҳам ёлғизликни ҳис этмайсиз. Ҳатто мен каби заифа бир аёлнинг ёлғизлигини тушуна олишингизга ҳам имоним комил эмас.
— Сизнинг ўгай қизингиз бор.
— Эҳ! Касяни айтяпсизми... — деб юборди Нина ўкинч билан ва яна лабини тишлаб ерга қараганича давом этди. — Биласизми, бемалол гаплашиш мумкин бўлган сиз каби одамни кўп йиллардан бери биринчи марта учратишим... Сизнинг ҳамдардлигингизда кишининг нафсониятига тегадиган ачиниш ҳам, ҳиссиз кузатувчининг бефарқлиги ҳам сезилмайди... Биласизми, мен ҳеч ким билан учрашмайман. Дилимдаги барча гапларни очиқ айтган биринчи одам сиз бўлдингиз. Кейин, сезиб турибман, мени тўғри тушуняпсиз.

Нина ёноқлари қизариб, ҳаяжон билан гапирмоқда эди. Дизма жувонга ёқиб қолганига шубҳаланмай қўйганди.
— Ўз қайғу-аламларимни гапиравериб сизни хафа қилиб қўймадимми?
— Йўғ-е, худо сақласин.
— Наҳот менинг гапларим сизни қизиқтираётган бўлса?
— Жуда ҳам. — Сиз менга жуда меҳрибонлик қиляпсиз.
— Сиз ҳам менга меҳрибонлик қилдингиз. Хафа бўлманг: ҳаммаси ўтиб кетади, фақат ҳасратни ичга солмаслик керак.

Нина жилмайди.
— Сиз, менга, йиғлаётган ёш болани овутиш учун қўпол ҳазил қиладиган катта одамдек муносабатда бўляпсиз. Лекин, билсангиз, тўпорилик ҳам баъзан яхши даво бўлади.
— Фалокат олдида чекинмаслик керак, ундан қутулиш йўлини излаш лозим.

Нина қовоғини солди.
— Бу ўринда нажот кутиб бўлмайди.
— Ҳар кимнинг бахти ўз қўлида, — деди ишонч билан Никодим.
— Агар у қўл бақувват бўлса, албатта. Қўлларимнинг қандай заифлигини ўзингиз кўриб турибсиз-ку ахир.

Шундай дея у, хушбўй атир ҳиди анқиб турган қўлларини Никодим томон узатди. Дизма бу қўлларни тутиб ўпган эди, жувон ўз навбатида унинг қўлларини қисиб қўйди.
— Забардаст қўллар керак, — деди у, — масалан, мана сизникидек... Бундай қўлларга тақдирингни бемалол ишониб топшириш мумкин. Баъзан мен: кучли ирода ҳар қандай тўсиқни ҳам енгиб ўтиши мумкин, унинг учун иложсиз нарсанинг ўзи бўлмаса керак, деб ўйлаб қоламан... У ҳар нарсага қодир, у пўлатни емиради, келажакни бунёд этади... Бундай ирода соҳиби худбин бўлмаса, албатта, заиф бечораларга ёрдам қўлини чўзади... Бундай одамнинг қудратида қанчадан-қанча поэзия бор-а!..

Нина қўлини секингина тортиб олди-да, қўшимча қилди...
— Сизга ҳиссиётга берилган аёл бўлиб кўринсам керак-а?

Дизма нима деб жавоб беришини билмай қолганди, шу боисдан ҳам у эски ҳийласини ишлатиб, гўё оғриқнинг зўридан инграгандай, тирсагини чангаллади.
— Оғрияптими?
— Жудаям.
— Бечора! Балким, доктор чақиртириш керакдир?
— Йўқ. Раҳмат. Керак эмас.
— Сизга жуда ёрдам бергим келяпти.
— Ғоят раҳмдил экансиз.
— Раҳмдиллигимдан нима фойда? — деди Нина маъюслик билан ва китобни қўлига олди. — Яна ўқиймизми?
— Эҳтимол, жонингизга теккандир?
— Э, йўқ, мен товуш чиқариб ўқишни яхши кўраман. Шу пайт эшик тақиллаб, Касянинг товуши эшитилди.
— Нина, бир минутга чиқиб кетолмайсанми?
— Кечирасиз, — деди Нина, ўрнидан тураркан, — ҳозир келаман.

Ташқаридан Касянинг зарда билан алланималар дегани эшитилди, сўнг ҳаммаёқ жимиб қолди.

Дизма ўз аҳволи ҳақида ўйлай бошлади. У Нинага ёқиб қолгани аниқ. Бунга шубҳаланмаса ҳам бўлади. Хўш, бундан қандай фойдаланиш мумкин? Унинг ёрдами билан бошқарувчилик ўрнида кўпроқ ишлай олармикин?

«Бундай бўлиши даргумон, — дея ўзига-ўзи эътироз билдирди Никодим. — Унинг эрига гапи ўтмайди. Чол ҳеч қандай ишга ярамаслигимни сезган заҳоти кавушимни тўғрилаб қўяди. Уззу кун касал бўлиб ётавериш ҳам мумкин эмас!»

Дизма кутилмаганда шундай ўқимишли хонимга ёқиб қолганидан ўзи ҳам ажабланди. Бироқ у бундан на хурсанд бўлди, на фахрланди. Шу тобда унинг мияси фақат бир нарса билан: Коборовода иложи борича кўпроқ қолиш йўлини топиш билап банд эди. Бирор бошқа туйғу ҳозир уни бу фикрдан чалғита олмасди. Нина, чамаси, уни ишончга лойиқ деб ҳисоблаяпти. У ҳам Никодимга ёқади, бироқ бу туйғу унинг Кася, Манька ва умуман ҳар қандай ёш жувонга бўлган мойиллигидан ортиқ эмасди.

Никодим Дизма ҳали севги нималигини билмасди. Унинг ҳаёт китоби саҳифаларида онда-сонда рўй берган тасодифий, ҳеч қандай аҳамиятга эга бўлмаган учрашувларгина ёзилиб қолганди, Ҳозир у Нинани ўйлар экан, келажакни тасаввур қилишга, бирон режа тузишга уринмасди. Боз устига туғма эҳтиёткорлик туйғуси унинг раъйини қайтариб турарди: ахир бу нарса унга зарар келтириши мумкин эди-да. Бирдан бу ишларни эри фаҳмлаб қолса-чи?

Нина қайтиб кирганида анча хафа кўринарди. Буии куриб Никодим, чамаси, Кася билан ораларида бирор кўнгилсиз гап ўтган бўлса керак, деган қарорга келди. Жувон ўқишда давом этди, бироқ энди улар тушга қадар ўзаро гаплашишмади. Тушликдан сўнг ухлаб қолган Никодим кечқурун, қош қорайгандагина эшикнинг тақиллашидан уйғониб кетди. Хонага Куницкий кириб келди.

У Дкзманинг бетоблигидан ғоят хафа бўлиб, дарҳол телеграмма билан доктор чақиртирмоқчи бўлди. Никодим анча тузук бўлнб қолгани ва эрта-индин оёққа туриб кетажагини айтиб, уни бу фикрдан аранг қайтарди.
— Эҳ, қани энди тезроқ тузалсангиз жуда соз бўларди-я, — хурсанд бўлиб кетди Қуницкий, — бўлмасам анови Ольшевский мени тириклайин гўрга тиқай деяпти; қандай қилиқлар чиқараётганига ақлим бовар қилмайди. Тасаввур қилинг-а: қайрағоч бердирмай қўйди — гўё мен заколатни охиригача тўламаган эмишман. Заколат эса қирқ минг икки юз злотийни ташкил этарди. Шу лаънати икки юз злотийни унутиб қўйибман, худо ҳаққи, унутибман. Энди бўлса у аблаҳ бутун ишни тўхтатиб қўйди. Қандайдир арзимас икки юз злотийни деб-а! Сиқилиб ўлиши мумкин одамнинг!

Куницкий ҳаяжонланиб, борган сайин тезроқ бидирларди. Чол давлат ўрмонлари дирекцияси билан олишиб қолгани ҳақида бир соатга яқин гап сотгач, охири Дизманинг аралашуви туфайли ниҳоят сарсонгарчиликдан қутулажагига умид билдирди. Фақат қадрли пан Никодим тезроқ Варшавага бориб, у ерда министр Яшунский билан гаплашса бўлгани.

Дизма чолга оёққа турган заҳоти Варшавага бориб келишини ваъда қилди.
— Нима, дейсиз, азизим пан Никодим, иш осон кўчармикин? Тезроқ бир ёқли қиласизми?
— Тўғрилаймиз, — дея жавоб қилди Дизма, — хотирингиз жам бўлсин. Фақат майда харажатлар учун пул керак бўлиб қолиши мумкин.
— Харажат дейсизми? Бунинг қийин жойи йўқ. Қанча керак бўлса, нақд бераман. Хўш, қалай, Коборово сизга ёқдими? Зерикмаяпсизми ишқилиб?

Дизма эътироз билдирди. У вақтни жуда кўнгилли ўтказаётган эмиш.
— Варшавада ишларимиз тўғрисида гаплашаётганингизда, бир нарса ёдингизда бўлсин... Коборово менинг номимга эмас, хотинимнинг номига ёзилган. Расмиятчилик юзасидан шундай қилишга тўғри келган эди.
— Демак, мен хотинингиз номидан иш тутарканман-да? — сўради Дизма, Понимирский билан қилган суҳбатини эслар экан.
— Ҳа, ҳа, албатта. Лекин менинг номимдан гапираверсангиз ҳам бўлади, чунки ер-мулкнинг асл эгаси менман. Хотиним менга ваколатнома берган.

Дизма чолдан вексель бор-йўқлигини сўрагиси келди-ю, лекин ўзини тийди: Куницкий шубҳаланиб қолиши мумкин эди.

Чол Никодимдан Коборово хўжалиги тўғрисидаги фикрини суриштира бошлаган эди, беморнинг яна боди хуруж қилиб қолди. Оғриқ шу қадар зўр эдики, боёқиш пан Никодим тўшакда тўлғанганича башарасини буруштириб, тинимсиз инграрди.

Кечки овқатдан сўнг Куницкий яна Дизманинг олдига кирди. Бироқ Никодим ўзини ухлаганга солиб, ортиқча сўраб-суриштиришдан қутулиб қолди. Кечаси Никодим анчагача пойтахтга қиладиган муқаррар сафари тўғрисида ўйлаб ётди. Чамаси, энди у ердан қайтиб келмаса ҳам керак. Бироқ Дизма ишни иложи борича узоқроқ чўзишга қарор қилди. Ҳарқалай полковник Варедани топиб, ундан министр билан гаплашиб кўришни илтимос қилиш мумкин.

Шуларни ўйлар экан, Понимирский эсига тушди. Ким билсин — эҳтимол, унинг хатини олиб кетиш лозимдир? Агар Понимирскийнинг холаси чиндан ҳам катталар билан алоқада бўлса, балки, у орқали ҳам бирор иш битказиш мумкин бўлар. Никодим Куницкийнинг ишларини тўғрилаб келиши мумкинлигини хаёлига ҳам келтирмасди, албатта: бу нарса ақлга тўғри келмасди. Дизма фақат Куницкийни ўзининг министр билан дўст эканлигига ва ҳозир бўлмаган тақдирда ҳам, кейинроқ Олъшевскийни ишдан хайдата олишига ҳамда давлат ўрмонларидан очкўз чол истаганчалик ёғоч олиб беришга қодир эканлигига ишонтирмоқчи эди. Куницкий чиқиб кетгач, орадан кўп ўтмай хонага Нина кириб келди. У одатдагидан ҳам маъюсроқ кўринарди, нимадандир безовта эди. Лекин у Дизманинг жилмайишига табассум билан жавоб қилди. Нина Никодимдан соғлиғини сўраб-суриштирди-да, сўнг ўзининг боши оғриётганидан шикоят қилди.
— Сиз Варшавага кетяпсиз, шекилли? — ниҳоят сўради у. — Анча муддатгами?
— Бир ҳафта, нари борса — ўн кунга.
— Варшава, — деди Нина хаёлга чўмиб.
— Сиз Варшавани яхши кўрасизми?
— Йўқ, йўқ... Тўғрироғи, бир вақтлар жуда яхши кўрардим... Ҳатто ҳозир ҳам яхши кўраман, лекин у ерга борганимда ўзимга ўзим ёқмай қоламан.
— Ҳа... У ерда дўстларингиз, қариндошларингиз борми?
— Билмадим... Йўқ, — дея жавоб қилди жувон, бир зум иккиланиб тургач.

Никодим эҳтиёткорлик билан Пшеленская холанинг мавжудлигини аниқлашга қарор қилди.
— Мабодо пани Пшеленская холангиз эмасми?

Нинанинг юзи озор чеккан одамникидек ўзгариб кетди.
— Вой, сиз пани Пшеленская билан танишмисиз?.. Ҳа, у киши менинг холам бўладилар. Лекин тўйимдан сўнг улар билан борди-келди қилмай қўйганмиз. Ҳатто бир-биримизга хат ҳам ёзмаймиз.
— Шунақа денг!
— У кишиникига бориб турасизми?
— Аҳён-аҳёнда, — деди чўзиб Дизма. — Пани Пшеленская пан Куницкийни ёқтирмайди, шекилли. Лекин сизпи яхши кўраркан.

Нина чидаб туролмай секингина сўради:
— Сиз у киши билан мен тўғримда гаплашдингизми?.. Уҳ, ноўрин саволим учун мени кечиринг, жуда ҳаяжонланиб кетдим. Ажабланманг. Ёшлик хотираларимнинг бари шу хонадон билан, Пшеленская холамнинг таниш-билишлари билан боғлиқ. Сиз эса у ерга бориб тураркансиз...
— Нега уларникига бора қолмайсиз?
— Эҳ... Ўзингиз тушунасиз-ку. Эрим... Улар бу ишимни сира кечириша олмайди... — Нина тескари қараб, секингина қўшимча қилди. — Бунинг учун ўзим ҳам ўзимни кечиролмайман.

Никодим индамади.
— Эрталаб ҳам, ҳозир ҳам сизга ҳаммасини очиқ айтаётганимдан хижолат чекяпман... Бироқ тоқатим тоқ бўлди... Жуда ожиз, бахтсизман...
— Хафа бўлманг. Гапимга ишонаверинг: ҳали ҳаммаси яхши бўлиб кетади.
— Мени юпатманг, илтимос қиламан. Биламан, сезиб турибман, сезгир, жуда меҳрибон экансиз, мени тўғри тушуняпсиз... Танишганимизга ҳали кўп бўлгани йўқ, лекин сизга жуда ишонаман... Мени юпатманг, ҳожати йўқ, чорасизман. Сиз тўғри тушунаётганингиз ҳам кифоя менга. Ёлғиз сиз, — дея қўшиб қўйди у бир оз сукут қилиб тургач.
— Нега чорасизман дейсиз? Эрингиз билан ажралиша олмайсизми?
— Иложим йўқ, — дея жавоб қилди Нина ерга қараб.
— Ҳм, демак, ҳарқалай унга кўнгил қўйган экансиз-да...

Нинанинг кўзлари чақнаб кетди.
— Йўқ, йўқ, — қизишиб эътироз билдирди у, — шубҳа қилишга қандай кўнглингиз борди! Бу баққол билан мени боғлаб турган ҳеч нима йўқ... Бу мункайган чол...

Жувон жирканиб, нафрат билан гапирмоқда эди.
— Нега бўлмасам, ажралиша олмайман дейсиз? — сўради ажабланиб Дизма.
— Мен... қашшоқликда яшай олмайман... Бунинг устига ёлғиз ўзимни ўйлаётганим йўқ.
— Ҳазиллашяпсизми, — дея ўзини гўлликка солди Никодим. — Баҳоси бир неча миллион турадиган Коборово сизнинг мулкингиз-ку, ахир.
— Янглишяпсиз. Коборово эримники.
— Бироқ пан Куницкийнинг айтишича...
— Ҳа, Коборово менинг номимга ёзилган. Аммо ажралишгудек бўлсак, мен қашшоқ бўлиб қоламан.
— Тушунмадим.
— Уҳ, бу ҳақда гапиришнинг нима ҳожати бор!.. Биласизми, эрим мендан Коборовонинг баҳосидан ҳам кўпроқ пулга тилхат олган.
— Сизни алдаб шундай қилганми?
— Йўқ. Бу пул оиламизнинг қарзини тўлаш учун сарфланган.
— Шунақа денг...
— Келинг, бу ҳақда гаплашманлик, буни эсласам доим таъбим тирриқ бўлади... — Нина қўлларини илтижо бплан кўксига қўйиб, Никодимнинг кўзига тикилди. — Илтимос қиламан, бу ҳақда холамга гапирманг. Майлими?
— Таъбингиз. Ундай десам...
— Йўқ, йўқ! Ўтинаман сиздан! У даври давронлар ўтиб кетди, энди уни кўриш менга насиб бўлмайди... Келинг, яхшиси ўқиймиз...

Нина китобни қўлига олиб, хатчўп қўйилган саҳифани очди-да, ўқишга тушди. Бироқ у бир-икки жумла ўқиган ҳам эдики, товуши титраб кетди. Нина ҳўнг-ҳўнг йиғларкан, кўкраги кўтарилиб тушар эди.
— Йиғламанг, илтимос қиламан, йиғламанг, — дея уни юпата бошлади каловланиб қолган Дизма.
— Ё парвардигор, ё тангрим, — деди йиғлаб туриб Нина. — Сиз менга шунчалик шафқат кўрсатяпсиз... жуда меҳрибон экансиз... Мени кечиринг... Асабларим бузилибди...

У сапчиб ўрнидан турди-да, хонадан югуриб чиқиб кетдн.

«Ҳаммаси равшан, — дея дилидан ўтказди Дизма, — у мени севиб қолибди».
— Севиб қолибди, — деди у товуш чиқариб ва мағрур жилмайди.

Тунги стол устида кичкинагина кўзгу турарди. Никодим уни қўлига олди-да ажабланган ва мағрурланган ҳолда аксига узоқ тикилди.

6-боб

Тажрибали шофёр бошқараётган автомобиль текис шосседан бир маромда елиб борарди. Кечаги ёмғирдан сўнг у ер-бу ерда майда-майда кўлмаклар ялтираб кўринарди. Мусаффо тонг қуёш нурида жилваланарди.

Дизма Варшавага кетаётганди.

Куницкий уни атайлаб поездда эмас, автомобилда жўнатди. Унингча, шундай қилинса салобатлироқ бўлармиш.

Чиндан ҳам жуда дабдаба, ҳашам билан безатилган автомобиль гўё савлат учун яратилгандек эди. Шофернинг оппоқ матодан тикилган формаси ва Дизманинг оёқларини ёпиб турган йўлбарс териси уларни янада басавлат қилиб юборганди. Шу боисдан ҳам улар ҳар гал бирор шаҳарчада тўхташганида, — улар аҳён-аҳёндагина тўхташарди, — дарҳол машинани ўша атрофда санқиб юрган бекорчилар ўраб олишарди. Уларни фақат автомобилгина эмас, балки ўриндиқда ялпайиб ўтирган пассажирнинг димоғдорлиги ҳам ҳайратга соларди.

Машина шундай шаҳарлардан бирида тўхтагач, Дизма портфелдан елимланмаган конвертни олди. Бу граф Понимирскийнинг пани Пшеленскаяга ёзган ва Дизма ҳар эҳтимолга қарши олиб олган мактуби эди. Никодим конвертни очиб, хатни ўқий бошлади. Унда қуйидагилар ёзилган эди:

«Қадрли холажон!

Бандит Куник томонидан эгаллаб олинган Коборовода, гарчи ташқи қиёфаси, эҳтимол, ишончга лойиқ кўринмаса-да, аслида ҳақиқий жентльмен ва унинг устига Оксфордда ўқиган пайтимдаги ошнам (ўзи асли курлянд шляхтасидан) пан Никодим Дизма бошқарувчи қилиб тайинлаганидан фойдаланиб, Сиздан бир нарсани илтимос қилмоқчиман, Пан Дизманинг менга ихлоси баланд (бу табиий ҳол) ва у муттаҳам Куникни ёмон кўради — бу ҳам табиий ҳол албатта. Шунинг учун ҳам, қадрли холажон, Сиздан илтимос қиламан, керакли одамлар билан маслаҳатлашиб ҳамда пан Дизманинг таниш-билишларидан фойдаланиб, менинг руҳан хаста эмаслигимни ва суд ҳукми билан озод этилишим мумкинлигини аниқлаб берадиган врачлар экспертизаси орқали мени халос этсангиз. Шундан сўнг мен Коборовони муттаҳамлик билан эгаллаб олгани учун Куникни судга бераман. Агар Сиз кирчи хотиннинг ҳароми ўғли ишлатган ҳийла-найранглар ҳақида (шпаллар, давлатдан қонунга хилоф равишда ёғоч олиш, шляхталарга хос «Куницкий» фамилиясини ўзлаштириш тўғрисида бир вақтлар ўзингиз менга гапириб берган эдингиз) етарли маълумот тўплаб берсангиз, биз ютиб чиқамиз, албатта. Унинг пора бергани ва сохта ҳужжатлар ишлатганини қўққисдан тинтув ўтказиш билан исботлаш мумкин, чунки Куник барча ҳужжатларни ётоқхонадаги парда орқасига қўйилган пўлат сандиқда сақлайди. Буни мен ўзимга содиқ бўлган хизматкорлардан билиб олдим. Шу боисдан ҳам мен, агар ўзга йўл билан қутула олмасам, un coup d’etat қилмоқчиман. Лозим бўлса, аблаҳни шахсан ўзим отиб ташлайман. Тўғри, бу иш ўзимга ҳам ёқмайди, чунки мен ҳалол илвасинларни ов қиламан. Жойи оғилхонада бўлмаган тақдирда ҳам авахтада ётиши лозим бўлган тўнғиз Куник эса бундайлар сирасига кирмайди. Ёрдамингизга умид қиламан, азиз холажон, чунки Коборовога эгалик қила бошлаган заҳотим Сизга ҳам, Зизя Кшепицкийга ҳам барча қарзларимни процентлари билан тўлайман ва гарчи ёши ўтиб қолган ҳамда юзини сепкил босган бўлса-да, фақат Сизни хурсанд қилиш учун, панна Хульчинскаяга ўйланаман. Пан Никодим Дизма бу ишларнинг ҳаммасидан хабардор ва au courant , шунинг учун ҳам у билан маслаҳатлашиб иш кўришингизни илтимос қиламан, чунки унинг Варшавада, айниқса, ҳукумат доираларида таниш-билишлари кўп. Бу нарса, маълум даражада. Сизнинг ҳам манфаатларингиз кўзланадиган менинг ишимда катта аҳамиятга эга бўлиши мумкин. Шу билан хатни чўзиб юборганим учун кечирим сўраб ва ўпиб қолувчи — Сизни умрбод яхши кўрадиган жиянингиз

Жорж Понимирский».

Граф жуда бадхат экан, Дизма мактубни ҳижжалаб ўқиб чиққунича ярим соат ўтди. Никодим курлянд шляхтаси тўғрисидаги гапдан хурсанд бўлиб кетди, лекин Оксфорд университети уни ташвишга солиб қўйди: худо кўрсатмасин, бирорта одам унга инглизчалаб мурожаат қилса борми, чуви чиқади-қўяди.

Аслида у ҳали пани Пшеленскаяникига боришга аҳд қилмаганди. Бунга уни телба графнинг топшириғидан ҳам бурун Нина билан қилган суҳбати мажбур қилмоқда эди. Никодим жувонга акаси билан пинҳона учрашувлари ҳақида гапирмаган эди. Лекин уларнинг икковидан олган маълумоти ва Куницкийдан эшитган гапларини таққослаб, Понимирскийнинг даъвоси сиртдан қараганда маънисиздек туюлса ҳам замирида анча гап борлигига ишонч ҳосил қилди. Агар у пани Пшеленскаяникига боришга журъат этса, эҳтимол ҳаммаси ойдинлашар.

Шахсий манфаати ҳам боришни тақозо этарди: пани Пшеленская юқори доиралар билан алоқадор бўлиб, Дизмага Куницкийнинг ишларини тўғрилашда ёрдам бериши мумкин эди. Никодимнинг тақдири эса ана шу ишларнинг ҳал қилинишига боғланиб қолганди.

Автомобиль Праганинг биринчи иморатларига яқинлашганда Никодим шулар ҳақида ва ҳали қидириб топиши лозим бўлган полковник Вареда тўғрисида ўйлаб борарди. Қуёш аллақачон ботган эди. Кўча фонарлари, гўё Дизмани олқишлаётгандек, бирдан ялт этиб ёнди.
— Яхши аломат, — деди у секин.
— «Европа»га юришни буюрасизми? — сўради шофёр.
— Ҳа, «Европа»га ҳайданг.

Никодим жуда яхши ухлаб, ўрнидан кайфи чоғ бўлиб турди. У дарҳол шаҳарга йўл олди.

Ҳарбий министрликдан Дизмани шаҳар гарнизонининг маълумот бюросига йўллашди. Бюрода Никодимга, полковник Вацлав Вареда ҳар йили ёзни Константин да, «Гаити» вилласида ўтказишини, Варшавага фақат кундуз кунлари келишини айтишди.

Барча у билан ҳурматини жойига қўйиб гаплашди, буни кўриб Дизма, полковник Вареда катта мансабдор бўлса керак, деган қарорга келди. У ҳатто, Вареда қандай мансабда ишлайди, деб сўрамоқчи ҳам бўлди-ю, лекин вақтида тилини тийди — ахир уни давлат ишларидан мутлақо хабарсиз одам экан, деб ўйлашлари мумкин эди-да.

Дизма Константинга боришга аҳд қилганида ҳали соат ўн ҳам бўлмаган эди. Улар йўлга тушишди. Йўл жуда ёмон экан, лекин шофер ғоят тажрибали, машина эса яп-янги бўлгани туфайли улар ярим соатдан сўнг манзилга етиб боришди. «Гаити» вилласини улар осонгина топишди. Бу шукуҳдор икки қаватли иморат экан. Жимжимадор панжара ортидан боғ ва катта айвон кўриниб турарди. Пижама кийган қандайдир эркак айвонда газета ўқиб ўтирарди. Машина эшик олдига бориб тўхтаганида ҳалиги эркак бошини кўтариб қараган эди, Дизма полковникни таниди.

Полковник Дизманинг таъзимига жавоб берди-да, анчагача таниёлмай хира кўзларини унга тикиб турди. Никодим эшикдан кириб, унга яқинлашганидан кейингина у қичқирганича сапчиб ўрнидан турди:
— Салом! Ахир бу Терковскийнинг кушандаси-ку! Яхшимисиз, пан Никодим! Қаёқларда ғойиб бўлиб юрувдингиз! — Шундай дея полковник Дизманинг қўлини олиб силкита бошлади.
— Салом, полковник. Ўшандан бери қишлоқда эдим, Варшавага кеча келдим; менга сизни шу ердан топишим мумкинлигини айтишди.
— Яшанг! Ажойиб фикр! Мен билан нонушта қиласизми? Ундай десам, сиз, қишлоқилар азонлаб туришга одатлангансизлар...

Полковник Дизманинг келганига чин кўнглидан хурсанд бўлди. Бу одам унга жуда ёқиб қолган эди, боз устига — ажойиб автомобилини айтмайсизми: демак, бугун Варшавага бориш учун Вилянов темир йўлининг хизматидан воз кечса бўлади.
— Кеча роса ичган эдик, — деди Вареда, — бошим оғриса керак, деб ўйловдим, лекин бахтимга, ўзимни яхши ҳис қиляпман.

Чиндан ҳам Вареда қувноқ тетик бўлиб, қонга тўлган кўзларигина кечаги ичкиликбозликдан далолат бериб турарди.
— «Бахтимга» дейишимнинг сабаби бор, чунки сизнинг келишингизни ювишимиз керак-да, — дея давом этди Вареда. — Биласизми, Терковский билан бўлган машмаша латифага айланиб қолди. Ниҳоят бу қушчанинг қанотини қирқиб қўйишга муваффақ бўлдик.
— Қўйсангиз-чи, нималар деяпсиз!
— Худо ҳаққи! Уни бош министр идорасининг бошлиғи қилиб тайинлашганидан бери босар-тусарини билмай қолди. Аҳмоқ, ҳамма менинг товонимни ўпади, деб ўйлади шекилди.
— Министр Яшунскийнинг аҳволи қалай? Ҳозир у нималар қиляпти?
— Нима қиларди? — дея ажабланди полковник. — Ҳозир Будапештда, съездда-ку, ахир.
— Афсус.
— Нима, унда ишингиз бормиди?
— Ҳа, кичкинагина бир иш бор эди.
— Бир неча кун Варшавада тура турииг. Ҳеч бўлмаганда кўнгил очамиз-ку. Яшунский сизни тез-тез эслаб туради.

Дизма ажабланиб полковникка қаради. Вареда шоша-пиша тушунтира бошлади:
— Рост айтяпман, худо ҳаққи. Ҳаҳ, сиз тўғрингизда у нима деган эди-я?.. Шошманг, шошманг!.. Ҳа, мана! «Бу Дизма ҳаётнинг нималигини билади; унинг ёқасидан олади-да, «тарс» этиб тумшуғига туширади!» Қалай, зўрми? Яшунский уста бунақа гапларга... Мен унга ҳатто афоризмлар китобини нашр қилишни маслаҳат бердим.

Сўнгра у Яшунскийнинг аҳволи бир оз чатоқлашганини эшитди: помешчиклар ва майда ер эгалари унга қарши чиқишаётганмиш. Бунинг устига ўз тўдаси билан Терковский ҳам унга чоҳ қазиётган эмиш. Қишлоқ хўжалиги кризисга тушиб қолибди; чора йўқ экан. Яшунскийга ачинади киши: ишбилармон экан, қолаверса ўз одамлари экан.

Шундан сўнг Дизманинг ишларидан гап очилган эди, полковник сўради:
— Сиз, пан Никодим, Куницкийнинг ё қўшниси, ё шериги эдингиз шекилли?
— Униси ҳам, буниси ҳам — жавоб берди Дизма, — бундан ташқари хотинининг ишончли вакили ҳам бўламан.
— Ҳали шунақами? Буни қаранг-а! Ўша графиня Понимирская-да. Келишгангина малла соч жувон, шундайми?
— Ҳа.
— Эшитишимга қараганда, графиня ўша Куницкий билан унча яхши турмасмиш...
— Унча эмас, анча деяверинг, — кулиб юборди Дизма.
— Очиғини айтганда, бунинг ҳайрон қоладиган жойи хам йўқ. Ахир у кексайиб қолган, кейин ўзи ҳам ўртамиёна бир одам шекилли. Ундай десам, сиз уларни мендан яхшироқ биласиз.
— Билмай бўладими, ахир!
— Тушунаман, тушунаман, — дея унинг гапига қўшилдн полковник. — Бунинг отини иш деб қўйибдилар. Кечирасиз, ҳузурингизда кийиниб оламан.
— Бемалол.

Улар айвондан хонага киришган эди, Вареда Дизмани қўлбола коктейль билан меҳмон қилмоқчи бўлди. Бу орада деншик мундирни олиб кирди, ярим соатдан сўнг полковник йўлга чиқишга шай эди.

Улар автомобиль ёнига боришганида Вареда завқ билан уни кўздан кечира бошлади. Полковник машинани анча яхши тушунар экан шекилли, дарҳол шофер билан автомобилнинг икир-чикирлари ҳақида суҳбатлаша кетди. Дизма уларнинг суҳбатидан ҳеч нима тушунолмади.
— Ажойиб, ажойиб, — дея такрорлади Вареда Дизманинг ёнига ўтирар экан. — Анча қнмматга тушган бўлса керак ўзиям?.. Бирор саккиз минг доллар тўлагандирсиз, а?

Машина жойидан қўзғалди, шунда Дизма моторнинг гуриллашидан фойдаланиб, жавоб қилди:
— Ҳе-ҳе, ундан ҳам кўпроқ деяверинг.

Йўлда улар кечқурун «Воҳа» ресторанида учрашишга келишиб олишди.
— Ҳаммасидан ҳам ўша ер қулай, танишлар кўп бўлади. Уляницкийни танийсизми?

Дизма Уляницкийни танимасди. Бироқ унинг бирор машҳур шахс чиқиб қолишидан чўчиб, орқаворатдан эшитганман, дея жавоб қилди.

Полковникни штабга олиб бориб қўйгач, Дизма меҳмонхонага қайтди ва кечқурун соат ўнда келишни буюриб, шоферга жавоб бериб юборди-да, ўзи кафега тушди. У ерда Никодим бўш стол топиб ўтирди-да, чой билан пирожний келтиришни буюриб, вақтни қандай ўтказиш ҳақида ўйлай бошлади. Бироқ миясига бирор дурустроқ фикр келмади. Варшавада у, яъни катта мулк бошқарувчиси Никодим Дизма бориб кўриши мумкин бўлган бирорта одам йўқ эди. Бартикларни эслаганда Дизма ҳатто сесканиб тушди. Уларнинг қурум босган хонаси Дизма учун, эртами-кечми ўзи қайтиши лозим бўлган аччиқ воқеликнинг тимсоли эди. Никодим бу ғаройиб саргузашт тез орада тугашини ҳис этарди, бироқ бу хақда ўйламасликка ҳаракат қиларди.

Бироқ бекорчилик уни яна ўз аҳволи ҳақида ўйлашга мажбур қиларди. Бу хаёллардан чалғиш учун Дизма ўз хонасига кўтарилди. Бу ерда у Понимирскийнинг мактубини эслаб, уни портфелдан олди-да, яна бир марта ўқиб чиқди.
— Э, нимадан қўрқаман! — дея қўл силтади Никодим. — Бораман. Мени пишириб ейишармиди...

Пани Юзефина Пшеленская ўша куни чап ёнбоши бнлан турган эди. Бу нарса эрталаб соат ўнда ошхонада бир овоздан тан олинди. Соат ўн бирда эса уйда шундай тўс-тўполон кўтарилдики, гўё бир киши эмас, ўлдим деганда, ўн киши сўл ёнбоши билан тургандек эди.

Соат ўн иккида муҳтарама пани Пшеленскаянинг уйида ҳамма нарса остин-устун бўлиб кетди: бир четда турган қадимги столни, қаерга қўйсак экан, деб роса у ёқдан-бу ёққа суришди ва ниҳоят, уни мечкай одамники каби ингичка оёқлариии осмондан қилиб, ҳовлининг бир бурчагига элтиб ташлашди. Уй бекаси довдираб қолган хнзматкорлар олдига тушиб, гўё жанг майдонидаги валькирия каби у ёқдан-бу ёққа югурар, оғзидан боди кириб шоди чиқар, ортида эса шлафрогининг этаги худди бадавийлар яктаги каби ҳилпирарди.

Меҳмонхонада чанг ютгич тинмай гурилларди, ҳовлида эса қоқилаётган гиламларнинг тапиллагани эшитиларди. Деразалар гоҳ ланг очиларди, чунки бу чанг-тўзонда бир минут ҳам нафас олиб бўлмасди, гоҳ шарақлаб ёпиларди, хоналарга кираётган шабададан киши қулоғи шанғилларди. Бунинг устига телефон тинмай жиринглар, бека эса трубкани олиб, унга қарғиш ёғдирарди.

Шу пайт кўча эшикнинг қўнғироғи жиринглаб қолди. Тоқати тоқ бўлиб турган пани Юзефина шахсан ўзи очиш учун эшик томон югурди. Хизматкор пешанаси шўр меҳмонни хаёлан худога топшириб, даҳшатдан қотиб қолди.

Эшик шарақлаб очилди-да, уй бекасининг:
— Сизга нима керак? — дея шанғиллагани эшитилди. Бундай илтифотсизлик билан кутиб олишганидан Никодим довдираб қолмади. Аксинча, у ўзини бирдан анча дадилроқ ҳис этди — бу хонимнинг гапириши ва ташқи қиёфаси унга ўз таниш-билишларшш эслатган эди.
— Пани Пшеленскаяни кўришим керак.
— Сизга нима керак, деб сўраяпман?
— Ишим бор. Бориб панига жиянининг ўртоғи келганини айтинг.
— Қанақа жияни яна?
— Граф Понимирскийни айтяпман, — деди бир оз мағрурланиб Дизма.

Бу гап ҳурпайган хонимга бошқача таъсир қилди. У, гўё ҳужумдан ўзини муҳофаза қилаётгандек, иккала қўлини олдинга чўзиб бижиллай кетди:
— Тўламайман! Жияним учун бир тийин ҳам тўламайман! Қарз олишининг сира ҳам ҳожати йўқ эди.
— Нима? — сўради ажабланиб Дизма.
— Унинг куёвига мурожаат қилинг! Мен бир тийин ҳам бермайман, эшитяпсизми, бир тийин ҳам! Бу ғирт аблаҳлик: қачон қараса менга келишади, ўлар бўлсам ўлиб бўлдим...

Бу гапдан Дизманинг ғазаби қақшаб кетди. Унинг миясига қон югурди.
— Бунча дод-вой қиласиз, жин урсин сизни! — дея ўшқирди у бор овози билан. Пшеленскаянинг капалаги учиб кетди. У кўзларини катта очиб, кутилмагаи бу меҳмонга ҳайиқиб қаради.
— Сиздан ҳеч ким пул сўраётгани йўқ: аксинча, пулингизни қайтиб беришмоқчи.
— Нима?
— Қайтиб беришмоқчи, деяпман-ку.
— Ким қайтиб бермоқчи? — сўради Пшеленская борган сари ҳайратланиб.
— Ким, ким? Эрон шоҳи ёки турклар султони қайтиб бермоқчи деб ўйлаяпсизми?.. Сизнинг жиянингиз, менинг дўстим қарзини тўламоқчи.

Пшеленская иккала қўли билан бошини чангаллади:
— Вой, кечирасиз, бугун жуда бошим оғриб турибди, хизматкорларим қонимга ташна қилишди. Хафа бўлмайсиз энди! Марҳамат, ичкари киринг.

Дизма Пшеленскаянинг ортидан хонага кирди. У ердаги мебелнинг ярми ағдарилиб ётарди, ўртада эса паркетни артадиган шчётканинг дастаси қаққайиб турарди. Бека дераза олдига стул қўйиб меҳмонни ўтказди-да, ҳурпайиб юргани учун кечирим сўраб, хонадан чиқди ва шу кетганича ярим соатча йўқ бўлиб кетди.

«Бу жин ургур хотинга нима бўлган ўзи? — дея ўзича мулоҳаза қила бошлади Дизма. — Худди қопоғон итдай талаб берди-я. Фалокат босиб келибман бу ерга. Холаси ҳам жиянидан қолишмайдиганга ўхшайди! Жуда ҳурматли хоним, дейишган эди, кўринишидан эса оқсоч хотиндан фарқ қилмайди!»

Анчагача ғазаби қайнаб турган Дизма ниҳоят жаҳлидан тушгач, бу хотинга Понимирский сизга қарзини тўламоқчи деб дарров айтиб қўйганидан афсуслана бошлади.

«Мени ҳам жиянига ўхшаган телба деб ҳисоблаган бўлса керак-да...»

Ниҳоят бека қайтиб келди. Эиди у сочларини тараб, гўштдор бурни ва лўппи юзларига қалин упа сурган ҳамда лабларини бўяб, эгнига тўқ қизил шлафрок кийиб олган эди.
— Мени кечирасиз, — дея гап бошлади бека, — жуда чарчаб, диққатим ошиб турган эди. Никодим унинг узун ва озғин қўлидан ўпиб, ўзини таништирди.

Пшеленская кетма-кет савол бера бошлади. Никодим ҳатто оғиз очишга ҳам улгурмади. Шундаи сўнг у Понимирскийнинг хатини олиб, хонимга узатди.

Пшеленская шу заҳоти:
— Е худойим-ей, пенснени унутибман. Франя! Франя! Антоний!!.. Франя! — дея овози борича бақира бошлади.

Дўпир-дўпир оёқ товуши эшитилиб, бир минутдан сўнг оқсоч хотин олтин гардишли пенснени олиб келди.

Пани Пшеленская хатни ўқишга тутинди. Уни ўқир экан, хоним юзлари қизариб, бир неча бор Дизмадан кечирим сўради.

Мактуб унга қаттиқ таъсир қилди. Хоним уни яна бир ўқиб чиқди-да, бу иш жуда муҳимлигини, йўқ, йўқ, Жоржик қарзини тўламоқчи эканлиги учун эмас, умуман бу ишнинг катта аҳамиятга эга эканлигини айтди.

У Никодимдан Коборовода нималар бўлаётгани, «боёқиш Нинетканинг» кайфияти қандайлиги, «ўғри Куник» хўжаликни қандай бошқараётгани тўғрисида суриштира бошлади ва ниҳоят, бу ишлар ҳақида суҳбатдошининг фикри қандайлигини сўради.

Бироқ суҳбатдоши бу тўғрида ўйлаб кўрмаган эди, шу боисдан ҳам у минғирлаб жавоб қилди:
— Нима десам экан... Менимча, адвокат билан маслаҳатлашиб кўриш керак.
— Жуда тўғри айтдингиз, — дея унинг гапини илиб кетди Пшеленская. — Лекин биласизми, энг яхшиси, олдин пан Кшепицкий билан гаплашиб олиш керак. Пан Кшепицкийни танийсизми?
— Йўқ, танимайман. Ким экан у?
— Э, у жуда қобилиятли одам. Гарчи ҳали анча ёш бўлса-да, эски танишимиз. Қечирасиз, сиз меҳмонхонага жойлашдингизми?
— Эртага сизни тушки овқатга таклиф қилсам, йўқ демайсизми? Кшепицкий ҳам келади. Ўшанда ҳамма ишни гаплашиб олардик. Келасизми?
— Соат нечада?
— Агар сизга ноқулай бўлмаса, соат бешда.
— Яхши.
— Сизни илтифотсизлик билан кутиб олганим учун мени кечирасиз. Хафа эмасмисиз, ишқилиб?
— Нега хафа бўларканман? — дея жавоб қилди Дизма. — Ҳаммаям асабийлашиши мумкин.

У Пшеленскаяга дурустроқ разм солди-да, хоним тузуккина экан, деб кўнглидан кечирди. Пшеленская элликларга бориб қолган бўлса ҳам хипча ва серҳаракат бўлгани учун ёшроқ кўринарди. Хоним Дизмани эшиккача кузатиб чиқди ва жилмайиб хайрлашди.
— Бу боёнларни ҳеч қачон тушуниб бўлмайди, — тўнғиллади Дизма эшикдан пастга тушар экан.

У нарироқдаги майхонага кириб, овқатланиб олди. Ниҳоят, ёлғиз ўзи ўтириб овқатланганидан Никодим ғоят ҳузур қилди. Ахир биров қарамаяптими, қачон қошиқни ишлатиш керагу, қачон вилкани деб бош қотиришга ҳожат қолмаган эди-да.

Пшеленскаяникига кириб чиққач, Дизма, буларнинг ҳаммаси қуруқ гаплигича қолади, Понимирскийнинг умидлари чиппакка чиқади, деган қарорга келди.

«Куницкий ўзини лақиллатиб қўядиган аҳмоқлардан эмас. Доғули у!»

Кейин Никодим бирдан: «Бу гапларнинг ҳаммасини Куницкийга айтсам-чи? « — дея ўйлаб қолди. Лекин шу заҳоти тилини тийгани маъқуллигини тушунди. Бундан ташқари, Понимирскийни тутиб бериш — шундай ажойиб хотин Нинани ранжитиб қўйиш билан баробар эди...

Майхонанинг шундоқ ёнгинасида реклама чироқлари липиллаб ёниб турарди. Фильм. Никодимнинг кинога тушмаганига ҳам анча бўлган эди! Дизма соатига қаради: ҳали унинг ихтиёрида беш соат вақти бор эди. Никодим узоқ ўйлаб ўтирмай билет сотиб олди.

Картина жуда қизиқ, ҳатто мароқли экан. Ёш қароқчи кўҳликкина қизни севиб қолади. Бироқ кутилмаганда қизни бошқа қароқчилар тўдаси ўғирлаб кетади. Кўп ғаройиб саргузаштлардан сўнг ёш қароқчи ўз маъшуқасини халос этади ва фильмнинг охирида у билан никоҳдан ўтади; энг қизиғи — уларни ажин босган юзидан мулойим табассум аримайдиган нуроний чол, руҳоний — қизнинг отаси никоҳдан ўтказади.

Буни кўриб Никодим аввалига жуда ажабланди, бироқ кейин, бу воқеалар Америкада бўляпти-ку, у ерда эса руҳонийлар уйланиши мумкин бўлса керак, деган хаёлга бордн.

Фильм шу қадар қизиқарли эдики, Дизма уни бир варакайига икки сеанс кўрди. У кинодан чиққанида кўча минглаб чироқлардан чароғон эди. Тротуарларда тўда-тўда кишилар сайр қилиб юришарди. Кеч тушганига қарамай, ҳаво иссиқ ва дим эди. Дизма меҳмонхонага пиёда қайтар экан, узоқдан Куницкийнинг кўркам автомобилига кўзи тушди.

«Менинг машинам!» — дея дилидан ўтказди у ва илжайиб қўйди.
— Хўш, ишлар қалай? — сўради у шофернинг таъзимига жавоб бергач.
— Яхши. Раҳмат.
— Вақтни қандай ўтказдингиз?

Шофер ўзи асли варшавалик бўлгани учун бориб қариндош-уруғларини кўрганини айтди. Улар бир минутча гаплашиб туришгач, Дизма номерига чиқиб, қайта кийиниб тушди.

«Бугун бир зиёфат уюштираман. Полковник билан дурустроқ танишиб олиш керак. Унга шампанское қўйиб бераман».

Чорак соатдан сўнг Дизма «Воҳа»га етиб борди. Ресторан ҳали бўм-бўш бўлиб, икки-уч столгина банд эди.

«Шошилибман», — дея хаёлидан ўтказди Никодим.

У ароқ билан овқат келтиришни буюрди. Кельнер унга, пан жаноби олийлари, деб мурожаат қилганича, бир зумда столга турли-туман закуска қўйди. Унинг ёнига яна икки официант қўшилиб, сардак солинган балиқ. ветчина, паштет ва шунга ўхшаш таомлар келтиришди.

Никодим полковникни кутиб, овқат ейишга шошилмади. Оркестр қандайдир классик музикани чалмоқда эди. Зал аста-секин одамларга тўла бошлади.

Ниҳоят, соат ўн бирга яқин полковник Вареда пайдо бўлди. У билан бирга сочлари тим қора, паст бўйли, гражданча кийинган бир одам ҳам бор эди.
— Э, шу ердамисиз! — дея хитоб қилди полковник. — Анчадан бери кутяпсизми?
— Атиги чорак соатдан бери, — деди шоша-пиша Дизма.
— Таништиришга рухсат этинг: пан Дизма, директор Шумский! — дея уларни бир-бирига таништирди полковник. — Ҳозир севимли ошнамиз Ясь Уляницкий ҳам келиб колади.
— Ўша аскиябоз-а? — дедн севиниб Шумский. — Жуда ажойиб бўпти-да!
— Май ойида Криницада бўлганимизда унинг қандай қилиқ кўрсатганини хаёлингизга ҳам келтиролмайсиз.
— Ростданми?
— Пансионатимизда Куровскийми, Карковскийми деган бир одам яшарди. Биласизми, ҳақиқий жентльменлардан: у киши теннис дейсизми, Байрон, Бодлер, Уайльд, Канале Гранде, «Казино де Пари» дейсизми, ҳаммасидан бор эдилар. Винонинг навлари, шоҳи-ипакнинг турлари — ҳаммасини биларди. Бунинг устига юқори доираларда қариндош-уруғлари бор экан. Хуллас, у кишидан ўтадигани йўқ эди. Аёллар уни кўришганида эс-ҳушларини йўқотиб қўйишарди. Стол атрофига йиғилганимизда ҳар куни суҳбат ўша сухандоннинг монологи ёки лекциясига айланиб кетарди. У тинмай гапирар, сўз ўйини қилар, ўнга яқин тилда афоризмлар айтар, хуллас, ҳаммани оғзига қаратиб ўтирар эдн.
— Ҳа, гап деган мана бунақа бўпти! — дея хитоб қилди Шумский. — Агар унинг тили чучук бўлиб, яна зонтик тутиб юрган бўлса, ўлай агар, ўша нусха ташқи ишлар министрлигида ишлаган.

Полковник хахолаб кулиб юборди.
— Ўлманг, топдингиз! Онт ичишим мумкин, зонтнкни қўлидан қўймасди.
— Хўш, у ёғи нима бўлди?
— Тасаввур қилинг-а, бешинчими, олтинчи куними тушлик овқатга кетаётган эдик, Ясь: «Худо ҳаққи, ортиқ чидаёлмайман», — деб қолди. Овқат маҳали у ўша маҳмадонанинг қаршисига бориб ўтирди. У жентльмен бўлса, шўрва келтиришганида сухандонлигини бошлаб, қуюқ овқат келтиришганда ҳам гапини тугатмаган эди. Қани, нима бўларкин, деб кутдим. Ясь индамай ўтирарди. Ҳалиги нусха бўлса, ҳамон иршайиб, барчани мафтун этишга уринарди, маҳоратини намойиш этарди. Бир маҳал у мавсумнинг мода бўлган ранги ҳақида гап бошлаган эди, ошнамиз Ясь пичоқ билан вилкани бир четга қўйиб, ўрнидан турди-да, ҳалиги сухандон томон энгашиб, бор овози билаи «ў-ў-ў-ў!» деб бақирса бўладими...

Дизма билан Шумский ўзларини кулгидан тўхтатишолмади.
— Нима, — дея сўради Шумский, — фақат «ў-ў-ў-ў» деди-қўйдими?
— Ҳа, фақат «ў-ў-ў-ў» деди-қўйди. Лекин Ульяницкийнинг овози қандай йўғонлигини биласан-ку ўзинг. Кейин нима бўлганини бир кўрсанг эди! Ҳалиги нусха шолғомдай қизариб, пафаси ичига тушиб кетди. Ҳамма ёқ жимиб қолди, барча лабини тишлаб ерга қараб ўтирарди. Шу пайт кимдир чидаёлмай пиқиллаб кулиб юборди. Фақат шу етмай турган экан. Қаҳқаҳадан ҳатто стол ҳам силкина бошлади. Худо ҳаққи, одамларнинг бундай кулишганини сира кўрмагаи эдим.
— Яс-чи?
— Ясми? Ясь индамай овқатини еяверди.
— Анави нусха нима қилди?
— Манфур одам экан! У туриб кетишини ҳам, жойида ўтираверишини ҳам билмай, довдираб қолди. Ниҳоят, ўрнидан туриб, чиқиб кетди. Кейин ўша куниёқ Криницадан туёғини шиқиллатди.
— У ёғи нима бўлди? — сўради бу воқеа жуда ёқиб қолган Никодим.
— Бўлак ҳеч нима бўлгани йўқ, — дея жавоб қилди полковник. — Фақат Уляницкий ўша воқеадан сўнг Криницада энг машҳур одам бўлиб қолди.

Ниҳоят, Уляницкий ҳам келди.

У жуда новча одам бўлиб, юзи япасқи, бурни бодрингдай, икки қоши билан мўйлови ўрнига тўрт тутам тим қора соч ёпиштириб қўйилгандек туюларди. Унинг қошлари билан мўйлови пир-пир учиб турарди, аммо қаърига тортган кичкина кўзлари бўшлиқнинг аллақайси нуқтасига қимир этмай тикилиб турарди.

У стол ёнига ўтириши биланоқ, кайфи ошиб қолган Никодим ўз ҳурматини изҳор қила бошлади.
— Полковник бизга Криницада қилган ҳазилингизнн гапириб берди. Қойил! Ўша маҳмадонанинг роса адабини берибсиз-да!

Ульяницкийнинг юзига тушган бир тутам сочи қимирлаб турарди.
— Шу ҳам гап бўпти-ю! Сизнинг кўпроқ омадингиз бор экан. Терковскийнинг таъзирини берган одам, сиз-ку, ахир?
— Шу, шу, — дея тасдиқлади Вареда. — Ўзимизнинг йигит. Сезиб турибман, ҳали оғайни бўлиб кетасизлар, Сизларнинг саломатлигиигиз учун.

Улар молдай ичишиб, вақт ярим тундан оғгач, иккинчи қаватдаги дансингга чиқишганида, ҳаммасининг кайфи ошиб қолган эди. Яна шампанское келтиришни буюришди. Стол ёнида қизлар пайдо бўлди. Джаз ғоят шўх бир куйни чалган эди, Дизма хонимчалардан бирини таклиф қилиб, ўйин тушиб кетди. Улфатлар уни диққат билан кузатиб туришди. Ниҳоят, Никодим жойига келиб ўтиргач, бир овоздан Дизманинг ҳақиқий улфат эканлиги тан олиниб, у билан брудершафт қилиб ичиш таклиф этилди... Бу таклифга ҳеч ким эътироз билдирмади, албатта. Шундан сўнг улар оркестр полковник Вареданинг талаби билан чалган «Кўп йил яшагин...» куйининг садолари остида брудершафт қилиб ичишди.

Тўрт ошна Куницкийнинг автомобилига чиқиб ўтиришганида тонг ота бошлаган эди. Полковникни уйига олиб бориб қўйишга қарор қилишди. Константинга етиб боришгач, шофер пассажирларни уйғотди. Шумский Дизма билан мулойимгина хайрлашди — унинг Варшавага қайтгиси келмай қолганди.
— Вацекникида тунаб қўя қоларман. Хайр, Никодимчик, яхши бор!

Уляницкийни Никодим Колония Сташицага олиб бориб қўйди-да, сўнг ўзи меҳмонхонага қайтди.

Ухлашдан олдин Дизма бугунги воқеаларни эсламоқчи бўлди, бироқ миясининг ғувуллаши ва тинимсиз ҳиқичоқ тутиши, фикрини бир жойга тўплашга халал бермоқда эди. Шундан сўнг у, бор-е, дегандек, қўлини силтади-да, ўзини тўшакка ташлади.

У уйғонганида боши оғримоқда эди. Вақт пешинга яқинлашиб қолганди. Никодим фрак билан шимини ечмай ётганини сезиб қолди — костюми ғижимланиб кетибди. У аввалига ўзидаи жаҳли чиқди, бироқ кейин Вареда ва икки нуфузли амалдор билан қилган ичкиликбозлиги министрнинг олдига киришга қўл келишини ўйлаб бир оз енгил тортди.

Шундан сўнг Никодим бугун Пшеленскаяникига тушлик овқат қилгани бориши лозимлигини эслади. Костюмини дазмоллатиш керак.

Куницкийга Никодим, министрнинг йўқлиги сабабли Варшавада тутилиб қолишини хабар қилиб, телеграмма юборди.

Пшеленскаяникига Дизма автомобилда жўнади: уйнинг деразалари кўчага қараган бўлиб, эҳтимол, биронта одам машинани кўриб қолиши мумкин. Бунинг эса катта аҳамияти бор эди.

Очиғини айтганда, Дизма Понимирскийнинг холаси ва яна аллақандай Кшепицкий билан нима тўғрида гаплашишини билмасди, энг муҳими эса, бу гаплардан бирон фойда чиқишига кўзи етмасди. У шунчаки киборлар хонадонини кўришга қизиқиб қолганидаи боришга рози бўлган эди.

Дизма остонадан ҳатлаб ўтиши биланоқ бу уйга биринчи марта келганидаги бесаранжомлик шунчаки фавқулодда ҳодиса бўлганини фаҳмлади. Энди ҳамма ёқ сокин ва батартиб бўлиб, кишини қандайдир салобат босарди. Тўғри, бу квартирани Ковороводаги уйга таққослаб бўлмасди, албатта. Бироқ унинг аллақандай жозибали томони бор эдики, ана шу ўзига хослик Дизмага жуда ёқди.

Хизматкор унга меҳмонхонанинғ эшигини очиб берди ва орадан бир неча минут ўтгач, пани Пшеленскаянинг ўзи ҳам пайдо бўлди. Бу гал энди у ҳақиқий аристократ хонимлардек кийиниб олганди. У билан бирга ўттиз бешларга борган бир киши ҳам кириб келди.
— Пан Кшепицкий! Пан Дизма! — дея уларни бир-бирига таништирди Пшеленская.

Кшепицкий назокат билан таъзим қилди. Унинг ўзини бепарво тутиши ва димоғи билан гапириши Никодимга ёқмади. Лекин у, Кшепицкийнинг келишган йигитлиги ва ҳатто Лисковдаги суд котиби, бутун уездда хотинларга хушомад қилишга усталиги билан машҳур бўлган пан Юрчакдан ҳам чиройлироқ эканлигини тан олишга мажбур бўлди.
— Сиз билан танишиш шарафига муяссар бўлганимдан ғоят хурсандман. Сиз тўғринғизда кўп эшитгандим, — деди Кшепицкий ва шимининг почасини тортиб креслога ўтирди.

Бу одам бошиданоқ айёр ва икки юзламачи бўлиб кўринганидан Дизма у билан эҳтиёт бўлиб гаплашишга қарор қилди. Шу боисдан ҳам у дудмолгина жавоб берди:
— Эл оғзига элак тутиб бўлармиди — доим бирор нарсани гапиришади.
— Мени кечирасиз, — гап қотди пани Пшеленская, — сизнинг қандай ажойиб сиёсатчи эканингизни фақат бугун пан Кшепицкийдан эшитдим. Уят бўлса-да, тан олишим керак, биз аёллар сиёсий масалаларни мутлақо тушунмаймиз.
— Э, жуда ошириб юбордингиз-ку, — деб эътироз билдирди Кшепицкий ва шимининг бошқа почасини ҳам тортиб қўйди.

Дизма нима дейишини билмай томоқ қирди. Унинг бахтига, шу пайт меҳмонхонага хизматкор кириб, овқат тайёр эканлигнни хабар қилди. Овқат маҳали Пшеленская билан у, гоҳ фамилиясини атаб, гоҳ оддийгина қилиб Зизя дея мурожаат қилинаётган Кшепикций Дизмадан Коборовода нималар бўлаётганини суриштириша бошлашди. Пшеленскаяни асосан «боёқиш Нинанинг» эри билан акасига муносабати қизиқтирарди, Зизя эса Никодимдан кўпроқ Куницкийнинг даромади, Кобороводаги ишларнинг аҳволи тўғрисида сўрарди. Дизма бехосдан бу масалаларни яхши тушунмаслигини сездириб қўймаслик учун иложи борича қисқароқ жавоб беришга ҳаракат қиларди.
— Марҳамат қилиб айтсангиз, Жоржнинг касали жуда сезиларлими, уни ҳуқуқдор шахс сифатида тан олиш мумкинми?..
— Нима десам экан... У телба, албатта, лекин, эҳтимол, бирор муддат ўзнни тийиб тура олар...
— Жуда тўғри айтдингиз, — гапни илиб кетди Пшеленская. — Унинг касали ҳам худди ана шу ўзини тийиб туриш марказларининг заифлашиб қолганидан иборат: лекин у заруратни тушунса, менимча, маълум муддат ўзини тийиб тура олади.
— Эҳтимол... — дея минғирлади Дизма.
— Фақат бир нарсадан хавфим бор, — давом этди Пшеленская, — Нина бизнинг режамизга қўшилмаслиги мумкин.
— Унга бу ишларни айтишнинг нима ҳожати бор? — дея елкасини қисди Кшепицкий. — Ҳаммасини ими-жимида бажарамиз. Энг муҳими адлия министрлигидан одам топиш. Лекин тақдир пан Дизмадек одамии бизга кўмакка юборган экан, бунинг ташвишини қилмасак ҳам бўлади. Шундай эмасми?..
— Эҳ, Жоржнинг сиздек касбдоши, дўсти у билан худди шу пайтда учрашиб қолганингиз жуда соз бўлди-да! — дея хитоб қилди пани Пшеленская.

Қаҳва ичнш учун кичик меҳмокхонага ўтишди. Кшепицкий чўнтагидан ён дафтари билан қалам олди.
— Мен қисқагина доклад тайёрлашни лозим топдим, — дея гап бошлади у. — Рухсат этасизми?.. Хўш, умуман олганда, ишнинг аҳволи мана бундай. Бизга қуйидагилар маълум: кир ювувчи хотин Генавефа Куникнинг ўғли, асли Краковдан бўлган олтмиш олти ёшли муттаҳам Леон Куник бир вақтлар ўғриланган нарсаларии сотиб олишдан гумон қилинган. Бу нарса Львов полициясининг актларида қайд этилган. Кейинчалик у судхўрлик билан шуғулланган ва ҳар хил найранглар ишлатиб, Понимирскийлар оиласининг бойлигини ўзлаштирган...
— Пани Куницкаянинг айтишича эса, — дея унинг гапини бўлди Никодим, — бу ерда ҳеч қандай найранг бўлмаган эмиш.
— Ҳа, албатта... Лекин ҳар бир фактни турлича талқин қилиш мумкин. Хе-хе-хе... Агар прокурор керакли кўрсатма олса, қандай иш тутишни ўзи билади. Бундан ташқари, бизга Куникнинг тўққиз йил муқаддам янги ҳужжат олгани ва унга отасининг исмини ёздириб, фамилиясини «Куницкий» қилиб ўзгартиргани маълум. Бу эса қонунга хилоф иш. Кейин, ҳаммамиз унинг темир йўл қурилишига шпал етказиб бериш хусусида судлашганини биламиз. Афсуски, ўшанда бу шпалларнинг аслида бўлмаганлиги исботланмаганди. Куницкий бегуноҳлигини тасдиқловчи ҳужжатлар ёрдамида ўзини оқлашга муваффақ бўлган эди. Аммо, турган гап, бу ҳужжатларнинг ҳаммаси қалбаки.... Уларни ёзиб берган темир йўл хизматчиси кейинчалик қочган ва дом-дараксиз ғойиб бўлган. Бу ҳужжатларнинг ҳаммасини топиб, яна судга тақдим қилиш мумкин. Хўш, бунга нима дейсизлар?
— Ҳа, албатта! — хитоб қилди Пшеленская.
— Мен ҳам шундай фикрдаман, — дея гап қотди Дизма, Кшепицкийга гумонсираб қарар экан. Кшепицкийнинг қийиқ кўзларида қандайдир ўт чақнаши, юзининг учиб туриши, қирра бурни ва узун ияги унинг сергаклиги ва ҳар дақиқада қарши ҳужумга ўтиши мумкинлигидан далолат бериб турарди. Кшепицкий тилининг учи билан юқори лабини ялади-да, давом этди:
— Энг муҳими — ундан Коборовони тортиб олиш керак. Барча қийинчилик ана шунда. Юридик жиҳатдан Коборово пани Нинанинг тасарруфида ҳисобланади. У эса бу ишга сираям рози бўлмайди.
— Ҳа, рози бўлмаса керак... — деди Дизма Кшепицкийнинг фикрига қўшилиб.
— Шу боисдан ҳам, — дея давом этди Кшепицкий, — ягона чора Жоржнинг Куницкий устидан прокурорга ариза беришидир. У ўз аризасида синглисини сохта гувоҳлик бериш учун Куницкий мажбур этганини кўрсатиши лозим...
— Ҳмм...
— Бундай айбни эса Жорж фақат ҳуқуқдор шахс сифатида тан олингандан кейингина қўйиши мумкин. Шунинг учун ҳам суд органларидан Жоржнинг руҳий ҳолатини иккинчи марта текшириб кўриш учун рухсат олиш керак! Мен адвокат билан маслаҳатлашдим. У қоидага мувофиқ қайтадан кўриш мумкинлигини айтди. Фақат бу ҳақда Жоржнинг қариндошларидан биронтаси илтимос қилиши керак экан.
— Мен ўлсам ҳам бундай қилмайман! — дея эътироз билдирди Пшеленская. — Ўлсам ҳам! Бошимга шунча ташвиш орттирганим ҳам етар. Бир ками газеталарда номимни булғашлари қолувди...
— Жуда яхши, пани Фина, — деди зардаси қайнай бошлаган Кшепицкий. — Демак, сиз, бу ишни Нина қилиши мумкин, деб ҳисоблар экансиз-да?
— Йўқ, — дея гапга аралашди Дизма, — Нина бундай қилишга ҳечам рози бўлмайди.
— Жоржнинг эса бошқа қариндоши йўқ, — деди Кшепицкий тирноғи ўсиқ башорат бармоғини юқори кўтариб.
— Барибир бу ишга аралашмайман... Барибир...

Кшепицкийнинг жаҳли юзига тепди.
— Майли, — деди у қуруққина қилиб. — Демак, бу ҳақда ортиқ гапиришнинг ҳожати йўқ. Бу ишингиз билан Жорж сиз билан менга берадиган қирқ минг злотийни ҳамда Биби Хульчинскаянинг турмушга чиқишини йўққа чиқардингиз.

Орага жимлик чўкди.
— Афсус, — дея қўшимча қилди Кшепицкий, — фақат пан Дизмани бекордан бекорга овора қилдик.
— Аралашмайман, худо ҳаққи, аралашолмайман! — ўз гапида қаттиқ туриб олди Пшеленская.
— Шошилиб нима қиламиз! — деди бир оз ўйлаб кўргач Никодим, — Бу масалани кейинроқ гаплашсак ҳам бўлади.
— Бу орада бирор чора топилиб қолар, — деди енгил тортиб пани Пшеленская.

Кшепицкий сапчиб ўрнидан турди.
— Бу орада, бу орада! Бу орада менга пул керак, жуда керак!..
— Сизга бир оз пул топиб беришга уриниб кўраман, — дея минғирлади иккиланиб Пшеленская.
— Э, топиб берадиган ўша беш юз ёки минг злотийингизни бошимга ураманми! — деди қўл силтаб Кшепицкин.

Пшеленская қип-қизариб кетди.
— Балки, буни кейинроқ гаплашармиз. Бу гаплар пан Дизмани қизиқтирмаса керак, деб ўйлайман.
— Кечирасиз, — дея тўнғиллади Кшепицкий.
— Яна кофе ичасизми?

Пшеленская чашкаларга кофе қуйди-да, сўнг деди:
— Эҳтимол, сиз, пан Дизма, Нинага гапириб кўрарсиз. Агар у эрини ёмон кўрса... Пан Дизма ҳар қандай тўсиқларни ҳам енгишга, ҳар қандан характерга ҳам таъсир кўрсатишга қодир одам кўринадилар.
— Ҳа, албатта, лекин у кишига бундан нима фойда, — деди бир оз ҳаёсизлик билан Кшепицкий.
— Зизя, — дея эътироз билдирди Пшеленская, — пан Дизма Жоржнинг дўсти-ку, ахир! Шундай эмасми? Менимча, шунинг ўзи ҳам кифоя қилади.

Кшепицкий башарасини бужмайтирйб, бармоқларини қирсиллатди.
— Келинг, очиқчасига гаплашайлик... Мен дунёда беғараз одамларнинг борлигига ишонмайман. Мени кечирасиз, муҳтарам пан Никодим, ишонмайман, вассалом! Менимча, сиз... ҳм... ишбилармон одам сифатида... Очиғини айтинг, Жорж сизга бирор нарса ваъда қилганми?
— Бу нима деганингиз? — тушунмади Дизма.
— Бирор нарса ваъда қилганми, деб сўраяпман?
— Пул бераман, деб ваъда қилган, демоқчимисиз?

Пшеленская Дизманинг ранжишидан чўчиб, Кшепицкий мутлақо ундай демоқчи эмасди, сиз унинг гапини бошқача маънода тушунманг ва ҳоказо, ва ҳоказо, дея кечирим сўрай бошлади. Дарвоқе, Кшепицкийнинг ўзи ҳам ҳаддидан ошириб юборганини сезиб, Жоржнинг судлашиши муносабати билан бўладиган харажатларни назарда тутганини айтди.

Ишнинг қовушмаетганини пайқаган Пшеленская бу ҳақда кейинроқ гаплашишини таклиф қилди ва Дизманинг Варшавада яна икки ҳафтача туришини эшитгач, уни келаси сешанбада уйида бўладиган бридж ўйинига таклиф қилди. Дизма аввал бридж ўйинини билмаслигини баҳона қилиб, келишдан бош тортди, бироқ унга карта ўйнаш шарт эмаслигини айтишгач, рози бўлди.
— Йигирма-ўттиз одам бўлади, — деди уни кўндириш учун Пшеленская, — улар орасида танишларингизии ҳам учратасиз: меникига генерал Ружановский, министр Яшунский, раис Гродзицкий, вице-министр Уляницкийлар келиб туришади.
— Полковник Вареда-чи? — бирдан янги ошнаснни эслаб сўради Дизма.
— Илгарилари келиб турарди. Сиз у билан танишмисиз?
— Ҳа, у менинг дўстим, — деди бепарвогина қилиб Никодим.
— У ҳолда полковникни ҳам таклиф қиламан. Жуда уддабурон одам. Агар янглишмасам, прокурор Важик билан яхши муносабатда. У эса, эсимда бор, Вареданинг биринчи хотинига уйланган...
— Ҳа, ҳа, — дея тасдиқлади кулиб Кшепицкий. — Гамельбейн хонимни айтяпсиз-да! Важик эса бизга катта ёрдам бериши мумкин.

Дизма Пшеленская билан хайрлаша бошлади, Кшепицкнй ҳам Мокотовга бориши лозимлигини айтиб, ў-нидан турди.
— Мен сизни элтиб қўяман, — дея таклиф қилдн Дизма. — Машинам дарвоза олдида турибди.

Пшеленская Кшепицкийни олиб қолмоқчи бўлган эди, бироқ у қатъиян бош тортди.
— Йўқ, қололмайман. Кечқурун овқатлангани келаман. Ҳозирча хайр!
— Пани Пшеленская қариндошингиз бўладими, — дея сўради Дизма улар кўчага чиқишгач.
— Йўқ, шунчаки эски танишим. Унинг эри билан дўст эдик.
— Нима, пани Плешенскаянинг эри ўлганми?
— Тирик, — деди жавобан Кшепицкий кўзларини хиёл қисиб. — Фақат ҳозир ким билан яшаётганини билмайман. Чет элда кайф-сафо қилиб юрибди. Эҳ-е, автомобилингиз жуда зўр-ку! Биринчи сорт! Бензинни кўп ейдими?
— Ўттиз литрдан ортиқ сарфлайди, — деди жилмайиб шофер ва эшикни ёпиб қўйди.
— Қани энди шунақа машина бўлса, соз бўларди-я, — дея гап қотди Кшепицкий.

Йўлда у, агар пулини ололса, нималар қилмоқчи эканлиги тўғрисида гап сотиб кетди. Суҳбатдошининг сукут сақлашидан Кшепицкий, Дизма жуда айёр, эҳтиёткор одам бўлса керак, деган қарорга келди.

Ниҳоят у Политехника институти олдида тушиб қолгач, шофер Дизмага ўгирилиб деди:
— Мен бу панни танийман — Кшепицкий. Бир вақтлар пойгачи отлари бор эди. Лекин омади келмади.
— Пихини ёрган одам-а?
— Эҳе-а, нимасини айтасиз, — деди бошини чайқаб шофер.

7-боб

Бу деворларига тўқ яшил гулқоғоз ёпиштирилган, деразалари шифтга тегай деб турган Луи-Филипп услубидаги кенг бир кабинет эди.

Каттакон ёзув столи ёнида бошини қўлига тираб ўтирган министр Яшунский деярли бир соатдан бери қишлоқ хўжалигининг аҳволи ҳақида минғирлаб ахборот бераётган мансабдорнинг гапларини тингларди.

Мансабдор гоҳо-гоҳо блокнотини бир четга қўярди-да, семиз портфелидан газета кесмаларини олиб, мақолалардан айрим жойларини ўқиб берарди. Мақолаларда рақамлар билан бирга нуқул: «экспорт», «центнер», «буғдой», «фожиали аҳвол» сўзлари такрорланарди.

Чамаси, бу ахборот яхшиликдан дарак бермасди, чунки министрнинг пешанаси тиришиб турарди. Бу ажин ҳатто у жилмайиб, аниқ ва пухта тайёрланган ахборот учун мансабдорга миннатдорчилик билдирганида ҳам йўқолмади.

Чет элдан қайтгач, Яшунский ишлар ғоят қўрқинчли аҳволга тушиб қолганини кўрди. Қишлоқ хўжалигидаги қийинчиликлар, кутилаётган мўл хосил оппозицион матбуотнинг қаттиқ ҳужумига сабаб бўлди: ҳатто ҳукумат доираларига яқин газеталар ҳам норозилик билдириб, тўнғиллай бошлашди.

Яшунский ҳамкасблари билан қилган суҳбатидан обрўсига анча путур етганига ва мабодо истеъфога чиққудек бўлса, барча министрлар мамнун бўлишига ишонч ҳосил қилди. Рост, буни унга тўғридан-тўғри айтишгани йўқ. Аммо ҳукуматнинг янглиш иқтисодий сиёсати муносабати билак бирон одам балога йўлиқишига шама қилишди. Бош министр башарасини бужмайтириб, мазкур вазиятда бутун кабинетининг истеъфо бериши мумкин эмаслиги ва қисман реконструкция йўли билан қутулиш лозимлигини очиқдан-очиқ айтди.

Бу ўринда бош министрга гапи ўтадиган Терковскийнинг холис хизмат қилгани шубҳасиз эди.

Иш пировардига яқинлашиб қолганди, шу боисдан масалани узил-кесил ҳал қилиш керак эди. Аммо Яшунский ўз ўринбосари, вице-президент Уляницкий билан маслаҳатлашмай туриб бир қарорга келишни истамади.

У Улявицкийни эрталабдан бери кутарди. Министр ҳатто бир неча бор ўринбосарининг уйига телефон ҳам қилди, бироқ ҳар гал уига, хўжайин ҳали ухлаб ётибдилар, деб жавоб беришди.

Шунинг учун ҳам соат иккиларга яқин Уляницкий кабинет эшигида пайдо бўлганида, Яшунский уни койий кетди:
— Нима, эсингни еб қўйдингми? Туни билан ичасан, бу ерда эса асфаласофилинга кетай деб турибмиз.
— Аввал саломлашсак бўларди, — деди мўйловини силаб Уляницкий.
— Яхши, салом, — тўнғиллади министр. Уляницкий креслога ўтириб, папирос тутатди. Яшунский эса қўлларини чўнтагига тиққанича катта-катта қадамлар билан хонада у ёқдан-бу ёққа юра бошлади.
— Сен яхши шартнома тузибсан. Табриклайман, — дўриллади Уляницкий.
— Табриклайдиган жойи йўқ, — дея қуруққина жавоб қилди министр, — чамаси, бундан кейин яна биттагина қоғозга қўл қўйсам керак.
— Нега ундай деяпсан?
— Чунки навбатда қўл қўядиган қоғозим истеъфо ҳақидаги ариза бўлади.
— Никодим Дизмани биласанми? — сўради Уляницкий бир оз сукут сақлаб тургач.
— Биламан. Терковскийнинг таъзирини 6ерган одам-да. Унинг бу ишга нима алоқаси бор?
— Биз бугун эрталабгача бирга ичдик. Бир неча кундан бери у билан ичяпман.

Яшунский елкасини қисди:
— Баттар бўл.
— Аксинча, жуда яхши бўлди.
— Ҳе, жин урсин!.. Очиқроқ гапир! Ҳозир топишмоқ ўйнашга ҳушим йўқ!
— Қулоқ сол. Биз у билан кризис ҳақида гаплашдик. Мен унга аҳволнинг чатоқлиги ва унинг яхшиланиши амри маҳоллигини айтдим. Ҳеч қандай чора йўқ, дедим унга. Никодим бўлса бунга жавобан: «Чора бор — давлат ғалла запасларини сотиб олиши керак», — дейди.

Уляницкий гапиришдан тўхтаб, министрнинг кўзига тикилди. Яшунский елкасини қисди.
— Давлат ғаллани сотиб олиши керак, дейдими?
— Ҳа, ҳа!
— Бўлмаган гап! Давлатнинг пули йўқ.
— Шошма, шошма, мен ҳам унга шундай дедим. У бўлса: «Пулми? Пулнинг кераги йўқ», — дейди.
— Қанақасига энди? — дея ажабланди Яшунский.
— Қулоқ сол. Жуда ажойиб гап. Эшитиб оғзим очилиб қолди. Бахтимизга ҳамма ғирт маст эди, ҳеч ким эшитмади.
— Қани, қани, гапир!
— Бўлмасам эшит! Пулнинг кераги йўқ, гап пулда эмас, дейди. Давлат облигация чиқариши мумкин. Масалан, юз миллион ёки икки юз миллион злотийлик, дейлик. Пул ўрнига ана шу облигация тўланади — вассалом. Олти йиллик муддат билан тўрт процентлик облигация. Олти йил ичида эса ғалла бозорида ўлдим деганида, бир марта қулай вазият юзага келади. Ана ўшанда бор ғаллани мамлакатимизнинг ўзида ёки чет элда сотиб юборишимиз мумкин.
— Шошма, шошма, — дея унинг гапини бўлди министр, — анча дуруст фикр.
— Дурустмиш-а! Гениал фикр!
— Хўш, кейин нима деди?
— Мен сенга айтсам, бу Дизманинг калласи жуда ишлар экан. Бунинг фойдаси жуда катта, дейди. Биринчидан, нарҳ-наво барқарорлашади, иккинчидан, муомаладаги пул кўпаяди. Шу йўл билан давлат юз-икки юз миллион злотийлик пул чиқариш имконига эга бўлади. Чунки облигацияларда эгасининг номи кўрсатилмайди ва шу йўсинда нақд пул ўрнида ишлатилаверади. Ундан тафсилотларини сўраган эдим, «Мен мутахассис эмасман», — деб қўя қолди. Ҳаммасини сенга айтиб бермоқчи.
— Менга?
— Ҳа, сенга. Унинг сенга ихлоси баланд.
— Шошма-чи, демак, ишнинг моҳияти... Уляницкий Дизма билан қилган суҳбатини такрорлади-да, бутун режани рақамлар билан баён қилиб берди.

У бу лойиҳага шу қадар қизиқиб кетдики, ҳатто машинисткани чақириб, газетага мақола ҳам ёздирмоқчи бўлди. Бироқ вазминроқ Яшунский уни тўхтатди. Масалани ҳар тарафлама ўйлаб, муҳокама қилиб пишириш лозим эди. Бу фикр унга ҳам жуда ёқиб қолган эди. Аммо бунақа ишларда шошқалоқлик қилиш ярамасди.
— Аввало бу гап мутлақо сир сақланиши лозим. Иккинчидан, ўша Дизма билан яна бир марта гаплашиб олиш керак.
— Унга ҳозироқ қўнғироқ қилишим мумкин.
— У ҳали ҳам Варшавадами?
— Бўлмасам-чи. «Европа» меҳмонхонасида турибди. Бир ишрат қилиш учун келган экан.

Министр ажабланди.
— Йўғ-е, нималар деяпсан? Ишратбозга ўхшамайди-ку. Мени билишимча, у кўпроқ иродали одамлар сирасига кирса керак. Бундай одамлар йўлбошчи, ташкилотчи бўлади...
— Тилло йигит, — дея ошнасини мақтади Уляницкий.
— Қолаверса, ўзимизнинг одам. Қани энди уддасидан чиқсак! Унда Терковскийнинг шайкаси думини қисиб қоларди. Мен-чи? Яъни, биз-чи? Тушуняпсанми, Ясь?
— Бўлмасам-чи...

Улар шу бугун кечқуруноқ Дизма билаи гаплашиб олишга қарор қилишди. Министр ўз ташрифномасига бир неча сўз ёзиб, Дизмани чақириб келиш учун «Европа» меҳмонхонасига одам юборди. Яшунскийнинг хатини олиб келишганида, Дизма эндигина уйғонган эди. Хатда кўрсатилган вақтгача у кийиниб, шошилмай овқатланди. Министрликкача бир неча минутда етиб борса бўларди. Шу боисдан ҳам Никодим чўнтак соатига қараб қўйди ва у ерга пиёда жўнади. Етиб боргач, у қўнғироқ чугмасини босган эди, швейцар эшикни очиб, Дизмага хўмрайиб қаради-да, деди:
— Сизга нима керак? Идора аллақачон ёпилган.
— Секинроқ! Секинроқ, — дея кеккайиб пишиллади Дизма. — Мен министр Яшунскийнинг олдига келдим.

Швейцар таъзим қилиб букчайди.
— Афв этасиз, билмай қолибман. Министр пан Уляницкий билан бирга сизни кабинетда кутяптилар.

У тавозе билан Дизманинг пальтосини ечиб олди.
— Кузатиб қўйишга рухсат этинг... Кабинет шу ерда, иккинчи қаватда жойлашган.

Никодим ҳали бу воқеанинг аҳамиятини охиригача тушуниб улгурмаган эди: бир минутдан сўнг у министр билан суҳбатлашади; у Кобороводан жўнаётган пайтида мутлақо ҳақиқатга тўғри келмайдигандек туюлган нарсалар энди маълум бир шакл касб этиб, амалга ошмоқда эди. Воқеалар йўналиши гўё шиддатли оқимдек Дизмани олиб кетаётганди. У буни ҳис этса ҳам, бироқ воқеалар моҳиятини англай олмасди. Нима сабабдан бу ишларга у, яъни Никодим Дизма аралашиб қолганини тушунмасди.

Таклифнома олгач, у дарҳол гап ғалла облигацияларини чиқариш тўғрисида, Уляницкий завқ билан эшитган Куницкийнинг ўша режаси ҳақида боражагини тушунди. Никодим ҳаммасидан ҳам министр ундан бу ишнинг тафсилотларини сўраб-суриштиришидан чўчирди. Эҳтиёт бўлиш керак! Энг муҳими — шунча пайтдан бери жонига оро кириб келаётган услубни қўллаб, камроқ гапириш керак.

Уляницкий билан Яшунский уни самимий кутиб олишди.

Дизма билан Уляницкий аллақачон сенлашиб гаплаша бошлаганлари боисидан суҳбат дарҳол дўстона тус олди. Яшунский гапни мақтовдан бошлаб, Никодимга 15 июлдаги банкетда Терковский билан ғижиллашиб қолганини эслатди.
— Ўшандаёқ мен: агар мамлакатимизда сиз каби одамлар кўпроқ бўлганида, ишларимиз бутунлай бошқача бўларди, дегандим. Ҳа, ҳа, имоним комил, бутунлай бошқача бўларди.
— Бундай мақтовга арзирмикинман...
— Никодим, ўзингни кўп камтарликка солаверма! — Қувноқлик билан дўриллади Уляницкий.

Сўнг ғалла облигациялари ҳақида гап очилди. Дизмани икки кишилашиб сўроққа тутишди. Тўғри, иккала амалдор ҳам қишлоқ хўжалигида ҳеч вақони тушунмасликларини айтишди, бироқ шунга қарамай Дизма қовун тушириб қўйишдан чўчиб, жуда эҳтиёткорлик билан гаплашди. Унинг хотираси яхшилиги жонига оро кирди: Никодим аста-секин Куницкий айтган ҳамма гапларни эслади. Ҳар эҳтимолга қарши у «ўзининг» режаси ҳақида Уляницкийдан эшитганини ҳам қўшиб қўйди.

Яшунский жуда хурсанд бўлиб кетганидан кафтини кафтига ишқарди. Қош қорая бошлади. Чироқни ёқар экан, министр шўх оҳангда деди:
— Хўш, азизим паи Дизма, очиғини айтсам, сизни сўзамол деб бўлмас экану, лекин каллангиз яхши ишларкан. Демак, ҳамма иш жойида. Бир нарса ёдингизда бўлсин — бу гаплар мутлақо сир сақланиши лозим! Вақтинча албатта. Чунки ҳали бу масала устида кўп бош қотириш керак. Ясь қонун лойиҳасини тайёрлайди. Кейин унн мииистрлар кабинетининг иқтисодий комитетига тақдим қиламиз, мен эса эртага бош министр билаи гаплашаман. Фаҳмлашимча, ягона қийинчилик — бу омборлар масаласи. Янгиларини қуриш ҳақида сўз ҳам бўлиши мумкин эмас. Бизга кредит беришмайди. Дарвоқе, энг катта қийинчилик ҳатто бу ҳам эмас. Ҳарқалай, пан Никодим, ажойиб лойиҳангизни амалга оширишда ўзингиз ҳам қатнашасиз. Гапимга ишонаверинг.
— Ҳа, албатта, — дея дўриллади Уляницкий.
— Сиз ҳукумат билан ҳамкорлик қилишдан бош тортмайсизми, ишқилиб? Шунга умид қилса бўладими?

Дизма гарданини қашиб қўйди:
— Нега энди бўлмас экан, ишлайверамиз-да...
— Сизга чин қалбимдан миннатдорчилик билдираман. Менинг фикримча, энг муҳими — у ёки бу ишни ким бажаришига боғлиқ. Бунда шахс масаласи биринчи ўринда туради!

Яшунский ёзув столининг тортмаларини қулфлаб қўйди. Уляницкий швейцарга қўнғироқ қилди.

Никодим Куницкийнинг илтимосини бажаришга қулай фурсат келганини англади.
— Пан министр, — дея гап бошлади у, — менинг сиздан битта илтимосим бор эди.
— Шунақа денг? Марҳамат, қулоғим сизда. — Шундай дея министр Дизмага қизиқиб тикилди.
— Гап бундай... Гроднодаги давлат ўрмонлари дирекциясида аллақандай Ольшевский деган одам ишлар экан. Ўша Ольшевский нуқул Коборово тахта тилиш заводига панд бериб келяпти... У Куницкийни ёмон кўради, шунинг учун доим ҳалиги... анови-чи... давлат ўрмонидан бериладиган ёгоч контингентини камайтиргани камайтирган.
— Ҳа, рост, — дея унинг гапини бўлди министр, — эсимда бор: ҳатто қандайдир шикоятлар ҳам бўлган эди. Бу Куницкий жуда қизиқ одам кўринади. Унга бирор алоқангиз борми?
— Худо сақласин, фақат иш юзасидан.
— Никодим, унинг қўшниси, Куницкая хонимнинг ишончли вакили. Куницкий эса шу кунда хотини билан аразлашиб юрган экан, — дея тушунтирди Уляницкий.
— Пан Никодим, сизга очиғини айтаман, — деди жавобан министр, — мен Ольшевскийнинг буйруқларини бекор қилишни истамасдим. Эшитишимча, Куницкий фирибгар, муттаҳам одам экан. Лекин сизга сўзсиз ишонаман. Айтинг-чи, чиндан ҳам ёғоч контингентини ошириш давлатга фойдалими? Ҳа ёки йўқ, деб жавоб қилаверинг.
— Ҳа, — бош ирғади Дизма.
— Ольшевский пани Қуницкаянинг тахта тилиш корхоналарига бекордан бекорга тўсқинлик қилаётгани ростми?
— Рост.
— Бўпти, келишдик. Мен бошқариш санъати тез қарор қабул қила билишидан иборат, деб ҳисоблайман.

Яшунский ташрифномасини олиб, алланималар ёзди-да, сўнг уни Дизмага узатиб, жилмайди.
— Марҳамат! Мана Ольшевскийга кўрсатма ёздим. Шунга қарамай эртага эрталаб унга керакли телефонограмма юборишларини буюраман. Сиз қишлоққа қачон қайтмоқчисиз?
— Индинга.
— Афсус. Лекин сизни тутиб турмайман. Ўзим хабар юбораман. Ясь, сенда пан Дизманинг адреси борми?
— Бор. Иннайкейин, биз у билан эртага пани Пшеленскаяникида бўладиган бридж ўйинида учрашамиз, Никодим ҳам у ерга бориб турар экан.
— Жуда яхши. Хўп, сизга яна бир бор катта раҳмат, оқ йўл тилайман.

Шундай дея министр Никодимга иккала қўлини узатди. Ҳаммалари пальтоларини кийишди. Уляницкий Дизма билан бирга бориб овқатланмоқчи эди, бироқ министр қўймади.
— Яна ўлгудек ичасан, вазият эса жуда жиддий, қилиқ кўрсатадиган пайт эмас ҳозир.

Улар Краков қасабасига чиқиб хайрлашишгач, Никодим меҳмонхона томон йўл олди.

Йўлда у ёритилган витриналардан бирининг олдида тўхтаб, чўнтагидан министрнинг хатини олди-да, ўқиб чиқди:

«Директор Ольшевскийга. Гродно.

Никодим Дизманинг Коборово тахта тйлиш заводи иши бўйича қўйган талабларини дарҳол ижобий маънода ҳал қилишингизни сўраймаи.

Яшунский».

Никодим мактубни авайлаб кармонига солиб қўйди.
— Оббо жин ургур-эй! — деди у балаид овозда. Унинг бу хитобидан ҳам мамнунлиги, ҳам ажабланганлиги ва ҳаммасидан ҳам кўпроқ ўзига ўзи қойил қолганлиги сезилиб турарди.

Дизма ўзини анча дадил сеза бошлади. Яқингинада ўзи тенглашиши мумкинлигини хаёлига ҳам келтирмаган бу бегона муҳит одамлари ундан, яъни Дизмадан аллақандай фазилатлар топишган эди. Қим билсин, эҳтимол, улар ҳақдирлар...

Ҳа, Дизма ўзидан жуда хурсанд эди.

Меҳмонхонада Никодимни яна бир хушхабар — унинг номига ёзилган энсиз оч кул ранг конверт кутиб турган экан. Конвертдан таниш атир ҳиди анқиб турарди. Почта қоғозининг варағи бир текисда чиройли ёзув билан тўлдирилган бўлиб, тагига Нина Куницкая деб имзо чекилган эди.

Никодим жилмайди:
— Буни қара-я! Қани ўқиб кўрайлик-чи, нима деб ёзган экан.

У каравот ёнидаги чироқни ёқиб, ботинкасини ечди-да, ўрнашиброқ ётиб, ўқий бошлади:

«Ҳурматли пан Никодим!

Сизни менинг мактубим, эҳтимол, ундан ҳам кўпроқ илтимосим ҳайратга солса керак. Агар Сизга мурожаат қилишга журъат этган бўлсам, бу фақат Сизнинг менга кўрсатган меҳрибонлигингиз туфайли, жаҳлингиз чиқмаслигига умид қилганимдан, холос.

Гап кичик бир нарсани харид қилиш устида кетяпти: мен Гроднода яхши теннис тўпларини излаб тополмадим. Агар Сиз Варшавадан бир дюжина тўп олиб келсангиз, Сиздан ғоят миннатдор бўлардим.

Тўғри, магазиннииг ўзига хат ёзишим мумким эди, аммо мен Сизнинг ўзингиз танлаб олиб келишингизни истайман. Эҳтимол, Сизнинг Варшавадалигингизда вақтингизни олмаслигим керак эди. Чунки у ерда Сиз учун вақт жуда қимматли бўлса керак. Ахир ишингиз кўп. Бунинг устига кўнгил очишингиз керак — театрлар, қабул маросимлари ва қолаверса... Касянинг оғзидан гуллашича, жазманларига гул юборишни яхши кўрадиган гўзал аёллар... Коборовода гўзал аёллар йўқ, лекин бу ернинг гуллари Варшаваникига қараганда чиройлироқ...

Қачон қайтасиз?

Аслини олганда, мен «қайтасиз» сўзини ишлатмаслигим керак эди. Ахир, киши фақат, ўз яқиним деб ҳисоблайдиган одамнинг олдига қайтади, инсон ҳаёт йўли ёки дилидаги муҳаббат туйғуси боғлаб турган кимсанинг олдигагина қайтиши мумкин...

Коборово бугун маъюс ва нохуш. Мана бир неча кун бўлдики, у менга шундай туюляпти. Уни қанчалик севишимни ва қанчалик нафратланишим лозимлигини ўзингиз биласиз-ку, ахир. Сиздан илтимос қиламан, ўз ҳасратларимни тўкиб, кайфиятингизнинг қувноқ гармониясини бузганим учун мендан ранжиманг. Нимаям дердим, тан оламан: менга Сизнинг суҳбатларингиз етишмаяпти, жуда ёлғизман.

Коборово Сизнинг қайтишингизни кутяпти, пан Никодим, — кечирасиз, мен яна ўша сўзни ишлатдим, — ҳа, у Сизнинг келишингизни кутяпти.

Нина Куницкая».

Дизма хатни икки марта ўқиб чиқиб, конвертни ҳидлаб кўрди-да, ўйлай бошлади. «Унга ёқиб қолибман... Нимаям дердим, ҳали ёш, эри эса мункиллаб қолган. Балки, фойдаланиш керакдир?»

Лекин шу пайт, агар Куницкий бирор нарсани сезиб қолса, олдига солиб қувмасмикин, дея дилига ғулғула тушди. Аммо шу заҳоти энди аҳвол кескин ўзгариб кетганлигини эслади.

«Ғинг деб кўр-чи, алжиган чол! Энди кекирдагингдан хиппа бўғиб олишим мумкин! Ким билан гаплашаётганлигингии биласанми? Кимсан, министрнинг дўсти билан-а?! Тушундингми?»

Никодим ўрнидан туриб, сарпойчанг ойна олдига борди. У ҳамма лампаларни ёқди-да, икки қўлини белига тираб, бошини юқори кўтарганича ўзини ойнага сола бошлади. У шу пайтгача ўз ҳуснимга етарли баҳо бермаган эканман, деган хулосага келмагунча шу алфозда турди.

«Одам ёшлигидан ўзини ойнада кўравериб кўникиб кетади. Кўникканидан кейин эса ўзига ўзи оддийгина одам бўлиб кўринаверади...»

Никодимнинг ғоят димоғи чоғ эди. У кинога борди, сўнг майхонага кириб овқатланди. Кейин эртасига пешинга қадар ухлади. Нонуштадан сўнг магазинларни айланиб, бир йўла Нинага теннис тўплари сотиб олди. Пешинда яхшилаб овқатланиб олгач, қош қорайгунча қадар хонасида ётди. Уни шофёр келиб уйғотди: фрак кийиб, йўлга тушиш керак эди. Шаҳар минглаб чироқлардан чароғон эди, рекламаларнинг қизил неон чироқлари илон изидек ўчиб-ёниб турарди.

Маршалковская ва Хмельная кўчалари бурчагида тўхташга тўғри келди. Полициячи кўндаланг кўчадаги извош ва автомобилларни ўтказмоқда эди. Никодим беихтиёр йўловчиларни томоша қилиб, ажойиб автомобилнинг юмшоқ ўриндиғида ўтириш қаёқда-ю, тротуарда туртиниб-суртиниб юриш қаёқда, деб ўйлай бошлади.

Бирдан у кимдир ўзига тикилиб қараб турганини сезиб қолди: Маршалковская кўчаси бу ердд унча яхши ёритилмаганди, шу боисдан ҳам у қизни анчагача таниёлмай турди.

Манька!

Никодимнинг эти жунжикиб кетди. У бошини ичига тортиб, юзини ёқаси билан яширмоқчи бўлди. Бироқ кечикди.

Манька тирсаги билан йўл очиб, тротуар, четига келди. Мана у шу қадар яқинлашдики, ҳатто қўлини чўзиб Дизманинг елкасидан тутиши мумкин эди. Аммо Манька бундай қилишга журъат этмади... Ниҳоят, у бўғиқ овоз билан сўради:
— Никодим! Танимаяпсанми?

Ортиқ муғамбирлик қилиб бўлмасди. Никодим қизнинг тўполон кўтаришидан, рўмол ўрагаи манови қизни шофер сезиб қолишидан чўчирди. Шунинг учун ҳийла ишлатишга қарор қилди; у қиз томон ўгирилиб, бармоғини лабига қўйди-да: :
— Жимм... Эртага келаман, — дея шивирлади.

Қиз, тушундим, дегандек бош ирғаб, ўз навбатида пичирлаб сўради:
— Соат нечада?

Бироқ у жавоб олишга улгурмади. Полициячининг қўлидаги таёқ имоси билан автомобиль бир силкиниб, шитоб билан жойидан қўзғалди.

Манька олдинга энгашиб, анчагача автомобилнинг ортидан қараб турди.

«Жин урсин! — дея хаёлидан ўтказди Дизма. — Гаплашмоқчи бўлганига ўласанми. Тасқара! Автомобилни ҳам ўғирлаган бўлса керак, деб ўйлагандир-да».

Ў ўзича кулиб қўйди, бироқ бундан буён кечқурунлари Маршалковская кўчасидан юрмасликка аҳд қилди.

Қиз билаи учрашишнинг ва, умуман, ўтмишни эслаб кўнглини бузишнинг нима ҳожати бор?

Пшеленскаянинг уйини Дизма учинчи марта кўраётганди ва ҳар гал бу квартира унда янгича таассурот қолдирмоқда эди. Бугун барча эшиклар ланг очиқ бўлиб, ҳамма ёқ чароғон эди. Икки-уч хонага янгигина кўк мовут сирилган карта столлари ҳамда оппоқ дастурхон ёзилиб, устига пирожний ва бутерброд тўла патнислар терилган оддий столлар қўйиб қўйилганди.

Меҳмонлар ҳали йиғилишмаган экан. Дизма бир неча хонани айланиб чнқди-да, меҳмонхонадаги диванга бориб ўтирди. Бинонинг нариги четидаги аллақайси хонадан икки кишининг борган сайин баландроқ овоз билан жанжаллашаётгани эшитилиб қолди.
— Шундай қилиб бермайсанми? Айт, бермайсанми, — дея бақирарди эркак киши.

Аёл киши бунга жавобан узоқ гапириб, алланималар деди.

Бироқ Никодимнинг қулоғига чертиб айтилаётган айрим қарғиш сўзларигина чалинди:
— Иш ёқмас ялқов... Бундай текинхўрларни... Товламачи!.. Нонкўр!
— Охирги марта сўраяпман!.. — дўриллади эркакнинг овози. — Икки юз злотий берасанми, йўқми?
— Бермайман!

Шу пайт кўча эшикдаги қўнғироқ жиринглаб қолди. Жаижал тиниб, бир зумдан сўнг меҳмонхонага лабларида табассум билан пани Пшеленская кириб келди. Унинг ортидан назокат билан жилмайиб Кшепицкий келмоқда эди. Кўча эшик томондан тақир бошини ялтиратиб аллақандай бир чол пайдо бўлди.

Меҳмонларни бир-бири билан таништирар экан. Пшеленская ҳозирги эркакларнинг сира айтган вақтларида келмасликларидан шикоят қила бошлади. Улар, профессор, дея мурожаат қилишаётган чолнинг қулоғи анча оғир экан, чунки уй бекаси эркакларнинг бебурдлиги ҳақидаги гапини тўрт марта такрорлаган бўлса-да, профессор ҳамон:
— Кечирасиз, нима, нима? — дея қайта сўрарди. Тоқати тоқ бўлган Пшеленскаянинг жонига Кшепицкий ора кирди. У олдинга ўтиб жилмайганича:
— Тара-тара-бум-тоқ-тоқ, қари аҳмоқ! — деди. Бунга жавобан чол бош ирғаб, ишонч билан:
— Ҳа, ҳа, кечқурунлари анча совуқ бўляпти, — деди. Дизма хахолаб кулиб юборди. Унга Кшепицкийнинг хазили жуда ёқиб тушган эди. У пани Пшеленскаянинг янги меҳмонларни кутиб олиш учун чиқиб кетганидан фойдаланиб:
— Шошманг, мен ҳам унга бирор нарса айтаман, — деди.
— Фақат жуда қаттиқ гапирманг! — огоҳлантирди уни Кшепицкий.

Никодим профессорга қараб деди:
— Башарангни ит ялади, қари тасқара!
— Кечирасиз, нима, нима?
— Ит ялади!
— Кечирасиз, эшитмадим. Нима дедингиз?

Дизма кулгидан, ўзини тиёлмай қолди. Чол уларнинг шумлигини сезгандек бўлиб, шубҳалана бошлади. Шу пайт Кшепицкий гапга аралашди, у профессорнинг қулоғига:
— У сизга янги латифа айтиб бермоқчи! — дея қичқирди.
— Ҳа, эшитаман, эшитаман.

Бу орада меҳмонхонага яна бир неча одам кириб келди. Улар янги меҳмонлар билан кўришиб улгуришмасданоқ, эшикда полковник Вареда пайдо бўлди. Бу ҳол Дизмани латифа айтишдан қутқариб қолди.
— Салом, Никусь! Ўзингмисан! — дея хитоб қилди полковник.
— Саломатмисан Вацусь?
— Хўш, қалай? Яшунскийдаги ишингни битказдингми?
— Раҳмат, ҳаммаси жойида.

Меҳмонхона ва қўшни бўлмалар гавжум бўлиб кетди. Асосан эркаклар келишган бўлиб, уларнинг орасида фақат беш-олтитагина ёши ўтиб қолган хонимлар кўринарди. Баъзилар аллақачон бридж ўйнагани ўтиришганди.

Никодим Вареда билан ҳол-аҳвол сўрашиб бўлгунча Уляницкий етиб келди. Министр эҳтиёт чораларини кўриб қўйган бўлишига қарамай, полковник Дизманинг лойиҳасидан хабардор экан. Уляницкий сира тортинмай лойиҳа тўғрисида гапира бошлади. Унинг айтишича, иш жуда юришиб кетганмиш. Вареда Никодимни табриклади ва унга ўзининг улкан лойиҳасини амалга оширишда муваффақият тилади.

Шу пайт уларнинг ёнига пани Пшеленская келиб, бридж ўйнамайсизларми, деб сўради. Вареда билан Уляницкий бу таклифни бажону дил қабул қилишди.

Ҳамма партиялардаги ўринлар банд бўлганидан Пшеленская, мени шерик қилинглар, деб таклиф қилди. Дизма бридж ўйнашни билмасди, шунинг учун тўртинчи ўринга қандайдир озғин бир жанобни чақиришди: Дизма кейинчалик билса, бу одам полициянинг катта амалдорларидан бири экан.

Никодим аввал ўйинни томоша қилиб турди, сўнг жонига теккач, ўйинда иштирок қилмаётган эркаклар олдига борди. Улар орасида Кшепицкий ҳам бор эди.

Дизма нари кетган заҳоти полициячи амалдор Пшеленскаядан сўради:
— Пан Дизма ким бўладилар?
— Пан Дизма? — ажабланди Пшеленская хоним, — Наҳотки уни танимасангиз?
— Афсус, танимас эканман...
— Рости билан-а? — сўради Уляницкий. — Терковский машмашаси эсингиздами?
— Эҳ, шунақа денг. Тушунарли.
— Пан Дизма, — дея гап қотди пани Пшеленская, — жуда обрўли одам. У менинг жияним Жорж Понимирский билан Оксфорд университетида бирга ўқиган. Улар ўшандан бери дўст.
— Помешчикми?
— Ҳа. Асли Курляндиядан. Ҳозирги кунда жиянимнинг мулкида бошқарувчи бўлиб ишлаяпти.
— Никодимнинг боши олтин! — дея хонимнинг гапини тасдиқлади Уляницкий. — Яшунский, у ҳаммамиз ўйлаганимиздан ҳам узоқроқ боради, деяпти.
— Қулинг ўлгурсин йигит! — қўшимча қилди Вареда.
— Жуда ёқимтой киши! — дея ишонтирди уй бекаси.
— Чиндан ҳам, — деди ишонч билан полиция амалдори, — жуда жиддий одам кўринади.
— Икки чиллик, — дея эълон қилди Уляницкий қалин қошларини юқори кўтариб.
— У ҳолда биз уч чиллик деймиз, — гап қотди Уляницкий билан шерик бўлиб ўйнаётган пани Пшеленская.

Дизма зерика бошлади. Манови ўйинга берилиб кетган кишиларни кўриб у ўзича ҳайратланарди. Никодим бир талай бутерброд билан пирожний еб, бир неча қадаҳ коньяк ичди. Уйинда қатнашмаётган меҳмонлар халқаро сиёсат ва от пойгаси ҳақида суҳбатлашиб ўтиришарди. Дизма бу иккала мавзуга мутлақо бефарқ эди. У қандай қилиб чиқиб кетсам экан, деб ўйлай бошлади. Бир пайт уй бекаси бир зум стол ёнидан турган эди, Дизма фурсатдан фойдаланиб, унга етиб олди ва:
— Кечирасиз, мен кетишим керак, — деди.
— Афсус! Чиндан ҳам кетишингиз шартми?
— Ҳа, эртага азонлаб жўнамоқчиман, ухлаб олмасам бўлмайди.
— Мен анови иш ҳақида сиз билан батафсилроқ гаплашиб олмоқчи эдим...
— Ҳечқиси йўқ, гаплашамиз ҳали: мен яқинда яна Варшавага келаман.

Дизма аслида тезроқ бориб ухлашни хаёлига ҳам келтирмаган эди. У эрталаб соат еттида Коборовога жўнашга шай бўлиб келишни буюриб, шофёрга жавоб бериб юборди-да, ўзи пиёда кетди.

Тун алламаҳал бўлиб, кўчалар ҳувиллаб қолганди. Онда-сондагина кечиккан йўловчилар учраб қоларди. Фақат Янги дунё майдонигина ғавжум эди. Бу ерда қилиқларидан касби корлари шундоқ кўриниб турган кўплаб аёллар сайр қилиб юришарди.

Дизма қараб-қараб, охири қорачадан келган, баланд бўйли бир жувонни танлади. Улар тезда бир битимга келишди.

Никодим меҳмонхонага қайтганида эндигина тонг ота бошлаган эди. У Манькани эслаб, тунни у билан ўтказмаганига афсусланиб қўйди.

Осмон қора булутлар билан қопланган эди. Соат еттига яқин ёмғир ёға бошлади.

Дизма меҳмонхона ҳақини тўлади. Шу пайт соябони кўтариб қўйилган автомобиль етиб келди-ю, Никодим об-ҳавони лаънатлаб, машинанинг бир бурчагига биқиниб ўтириб олди.

У Гродно томон йўл олди. Никодим Куницкийни ҳайратда қолдириш учун Коборовога тайёр натижа билан кириб бормоқчи эди. Аслида бундай муваффақиятдап ўзининг ҳам боши қотиб қолганди. Никодим Куницкий баён қилиб берган режани усталик билан такрорлагани учунгина министрнинг кўмагига эришганини жуда яхши тушунарди. Агар бир оз бош қотириб, мулоҳаза қилгудек бўлса, бировларнинг фикрини ўзиники қилиб кўрсатиш ғоят фойдали экан деган хулоса келиб чиқарди.

Дизма бу услубни кенгроқ қўллашга қарор қилди. Лекин анча эҳтиёт бўлиш керак, албатта. У шу пайтгача ўзига эришиб бўлмайдигандек туюлган киборлар жамиятига аралашиб юриш имкониятидан ғоят хурсанд эди. Энди у бу жамият билан эл бўлиб кетишига ишона бошлаганди. Никодим, Куницкий энди мени ҳайдаш у ёқда турсин, мендай бошқарувчига тиш-тирноғи билан ёпишиб олади, деб қатъий ишонарди.

«Ана шунда бир нарсалик бўлиб қолиш мумкин. Қани, маошимни оширмай кўрсин-чи, аблаҳ».

Никодим кафтини ишқаб қўйди. У ўз ҳаётида янги саҳифа очилганини ҳис этарди. Бу саҳифа ким томонидан ва нима сабабдан ёзилганлиги эса уни қизиқтирмасди. Яшунский билан қилган суҳбатидан у ғалла лойиҳасини амалга оширишда ўзи, яъни Дизма четда қолмаслигини биларди. У министр нимани назарда тутганлигини тасаввур қилолмас ва шу боисдан, менга мукофот беришса керак, деб ўйларди. Лисковдаги почта конторасининг бошлиғи пан Бочек бир куни округ почта дирекциясининг чиновникларидан бири хатларга штампель қўйишнинг янги усулини кашф этгани учун минг злотий мукофот олганини айтиб берган эди. Унга эса кўпроқ беришса керак, чунки ғалла хат эмас-да, сизга!

Никодим пан Бочек билан Лисковни эслар экан, жилмайиб қўйди.

«Агар улар ҳозир менинг қандай маош олиб, қанақа одамлар билан улфатчилик қилиб юрганимни билишса, нима дейишаркин? Ҳаммасининг эси оғиб қолса керак! Жулдурвоқилар!»

Министрлар, графлар... Кимсан, пани Пшеленскаядек хоним уни зиёфатга таклиф қилди-я...

Дарвоқе, бу нарсадан Никодим унчалик ҳурсанд эмасди. Унга, Понимирскийнинг ишига аралашиб бекор қилдим, деган фикр азоб берарди. Бу ишдан барибир ҳеч нима чиқмайди. Лекин фалокат босиб бу ҳақда Куницкий билса борми, боши балога қолиши мумкин. Муттаҳам! У шу қадар бадавлатки, Дизмадан албатта ўч олиши мумкин.

Понимирскийга холаси ҳеч нимани эшитишни истамаганлиги, қарзини эса аллақачон кечиб юборганлигини айтиб ундан қутулиш керак. Ягона йўли шу.

Дизма Гроднога етгунча йўлда ана шуларни ўйлаб борди.

Шаҳарни яхши биладиган шофёр машинани тўғри ўрмон дирекцияси жойлашган казармага ўхшаш ғиштин уй олдида тўхтатди.

Соат беш бўлиб қолганди. Шу боисдан Дизма идорада навбатчидан бўлак ҳеч кимни тополмади.
— Мен пан Ольшевский олдига келдим. У шу ердами?
— Йўқ. Қабул пайтида келинг, — дея қуруққина жавоб қилди навбатчи.

Дизма ўшқириб берди.
— Қабул пайти сиз учун ўйлаб чиқарилган, йигитча, мен учун эмас. Кейин, умуман, хушмуомалароқ бўлинг, ким билан гаплашаётганингизни билмайсиз ҳали.
— Наҳот қўполлик қилган бўлсам? — дея ўзини ҳимоя қила бошлади навбатчи. — Ким билан гаплашаётганимни қаёқдан билай? Ҳатто исмингизни ҳам айтганингиз йўқ-ку, ахир.
— Бўлди, бўлди, кўп такаллуфсизлик қилаверманг. Қани, зинғиллаб, ўша пан Ольшевскийингизнинг олдига боринг-да, министрнинг топшириғи билан пан Дизма келганини айтинг. Дарҳол етиб келсин, менинг вақтим йўқ.

Қўрқувдан капалаги учиб кетган навбатчи таъзим қила-қила, бу ердан кетишга ҳақи йўқлигини, лекин директорнинг уйига қўнғироқ қилиши мумкинлигини айтди.

У Никодимни бошлиғининг кабинетига кузатиб қўйди ва бу димоғдор одамнинг директор креслосига ялпайиб ўтириб олганидан сира ажабланмади.

Орадан чорак соат ҳам ўтмай Ольшевский етиб келди. Кўринишидан у ҳозиргииа уйқудан турган эди. Директорнинг ҳаяжонланаётгани яққол сезилиб турарди: тўртбурчак юзининг бир томони липиллаб учар, ингичка малла мўйлови икки ёққа чўзилиб, лаблари эҳтиром билан табассум қиларди. Ольшевский меҳмон унинг креслосини эгаллаб олганидан довдираб қолган бўлса-да, сир бой бермасликка ҳаракат қилди.
— Ольшевский! Ғоят хурсандман...
— Хурсандмисиз, йўқми, буни билмайман, — дея жавоб қилди Никодим ўрнидан хиёл кўтарилиб, қўлини узатар экан. — Дизма!
— Нега энди, хурсандман, албатта... Худди шу бугун эрталаб министрликдан телефонограмма олдим.
— Ишдан бўшатилганингиз ҳақида буйруқ олмаганингиз учун худога шукур қилинг.
— Лекин, пан Дизма, — дея ҳаяжонланиб эътироз билдира кетди Ольшевский, — менда айб йўқ. Мен доим барча устав ва буйруқларга сўзсиз риоя қилиб келганман. Уларнинг бирор ҳарфини ҳам бузган эмасман...
— Хўш, нима қилибди? — истеҳзо билан сўради Дизма. — Баъзан ўз мамлакатимиз фирмаларига чиқинди ёғоч бериб, қолганини арзон-гаровга чет элга пуллаётганингизда ҳам ўша ҳарфга риоя қилганмисиз?

Ольшевский беҳисоб сана ва параграфларни рўкач қилиб, ўзини оқлай бошлади. Шундан сўнг Дизма Куницкийнинг кўрсатмалари билан тўлиб кетган ён дафтарини олди-да, ҳужумга ўтди. У Ольшевскийни расмиятчиликда айблади. Директор баъзан бирор қарор қабул қилиш қандай қийинлигини айтиб, кечирим сўрай бошлаган эди, Никодим сира тутилмай Яшунскийнинг афоризмини такрорлади:
— Бошқариш санъати тез қарор қабул қила билишдан иборат, азизим!

У чўнтагидан Яшунскийнинг ташрифномасини олиб, амалдорнинг қўлига тутқазди. Ольшевский қўллари қалтираб, пенснесини узоқ қидирди ва ниҳоят уни топиб, ташрифномадаги хатни ўқиб чиққач, янада мулойимроқ бўлиб қолди.

У доим қонунга риоя қилганлиги, хотини ва тўрт боласи борлиги, идорасидаги хизматчиларнинг ҳеч ишга ярамасликлари, кўрсатмаларнинг эса кўпгинаси бир-бирига зид келиши ва шу боисдан ҳам уларни турлича ижро этишга мажбур бўлаётганлигини айтиб, Дизмани ўз тажрибакорлигига ишонтира бошлади. Мазкур иш бўйича эса ҳаммасини пан Куницкийнинг ўзи чалкаштириб юборганмиш, бироқ, у яъни Ольшевский, ҳозир бунинг учун ҳеч қандай тўсқинлик кўрмай, унга бемалол ёғоч беравериши мумкин эмиш.

Ниҳоят, махсус машинистка чақирилиб, улар Куницкий кўрсатмаларининг «ҳарфига» риоя қилган ҳолда ҳужжатларни расмийлаштира бошлашди.

Ишни тугатишганида қоронғи тушган эди. Ольшевский Дизмани кечки овқатга таклиф қилди. Бироқ Никодим министрнинг дўсти деган шуҳратдан маҳрум бўлмаслик учун миннатдорчилик билдириб, овқатланишдан бош тортди. Дизма амалдор билан хайрлашар экан, унинг елкасига қоқиб деди:
— Хўш, ҳамма иш жойида бўлди. Бундан буён мен билан тортишиб ўтирмасликни маслаҳат бераман, азизим. Чунки сиз учун оқибати бахайр бўлмайди.

Avvalgi
I- qism