OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифТадеуш Доленга-Мостович
Асар номиМуттаҳамнинг парвози (III- қисм)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Жаҳон/Полша адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Тадеуш Доленга-Мостович
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Романлар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
НашриётҒафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, Тошкент, 1973; Қайта нашри, «Ўзбекистон» нашриёти, Тошкент, 1991
ТаржимонҲасан Тўрабеков (Русчадан)
Ҳажм379KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2014/04/25
Манбаhttp://forum.ziyouz.com/ind...


Аннотация
Оддай муттаҳам, ялқов ва калтабин Никодим Дизма Варшавага иш қидириб келади ва тасодиф туфайли йирик давлат арбоби бўлиб қолади.


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Муттаҳамнинг парвози (III- қисм)
Тадеуш Доленга-Мостович

14-боб

Кшепицкий ваколатномани кўриб чиққач, уни Дизмага қайтара туриб, деди:
— Ҳаммаси жойида. Министрликда бу иш билан кимнинг шуғулланишини билмайсизми?
— Биламан, албатта. Қандайдир Черпак деган одам Бўлим бошлиғи экан.
— Черпак дедингизми? Кулгили фамилия экан, Лекин гап бунда эмас. Муҳими — унинг қандай одамлиги.
— Бунисини билмайман, лекин, менимча, у билан келишсак бўлади. Ниҳоят, министр Пильхен ўша Черпакка менинг илтимосимни шахсан ўзи айтиб қўйгани ишимизни осонлаштириши керак.

Соат ўн бирда Куницкий ҳозир бўлди. У гапни об ҳаводан бошлаб, сўнгра кеча театрда кўрган спектакли ҳақида сўз очса-да, кўзларидан: «Дизма илтимосимни бажардимикин?» — деб безовталанаётгани сезилиб турарди. Ниҳоят, юрак ютиб, шу ҳақда сўраган эди, Никодим бош ирғади.
— Бўлмасам-чи. Кеча министрнинг олдига бордим.
— Яшанг-е, азизим! Хўш, у нима деди?
— Аввалига ўжарлик қилди, аммо охири уни бу иш билан шуғулланишга кўндирдим.
— Худога шукур-е! Азизим пан Никодим, сизни менга тангрининг ўзи етказди!
— Қўлимдан келган ишни қиляпман.

Дизма Куницкийга иш юзасидан елиб-югуриши, керакли одамлар билан гаплашиши учун бир неча кун, эҳтимол, бирор ҳафта кераклигини тушунтирди. Ҳали бир битимга келишмасдан бурун Куницкийнинг министрликка боришидан фойда йўқ эмиш; у иш шартнома тузишга бориб тақалгандагина баъзи деталлар ҳақида шахсан ўзи бориб гаплашиши керак бўлармиш.
— Яшанг-е! Қойил! — деди боши осмонга етиб Куницкий. — Пан Никодим, балки баъзи харажатлар бўлар. Марҳамат, тортинмай айтаверинг. — У шундай деб кармонини чиқариб, Дизмага тикилди.

Никодим креслода чайқалиб қўйди.
— Бирор... беш минг кифоя қилса керак... — дея жавоб қилди у хаёлга чўмиб.
— Майли, олти минг ҳам бўла қолсин! Биз ҳали бу ишда ортиғи билан фойда кўрамиз, хе-хе-хе... Аравада я.хши юришни истасанг — ғилдиракни мойла! Мойни аямаслик керак! Қаловини топсанг қор ёнади, пан Никодим. Агар фойда кўришни истасанг харажатдан қочмаслик керак.

У бели букилмаган ўн иккита беш юзталикни санаб борган эди. Никодим уларни бепарвогина чўнтагига солиб қўйди. У энди йирик пулларга кўникиб қолган бўлиб уларни кўрганида бир вақтлардагидай анграйиб қолмасди.

Бу гал Никодим Куницкий билан нонушта қилишга рози бўлди. Нонушта маҳали у қурилишга темир йўл шпаллари етказиб бериш ҳақида бутун бир лекция тинглади.

Соат учда Дизма министрликка равона бўлди. Пальто ва шляпасини кийиб қаергадир кетмоқчи бўлиб турган министр Пильхен Дизмани кўргани заҳоти идорада яна бир оз вақт қолишга розилик билдирди. У Никодимга ҳамма иш жойида эканлигини айтди. Шартларини эса «қадрли раисжон» Черпак билан келишиб олсин эмиш. Буни у истаган пайтида қилса бўлар экан.
— Турган гап, биз бу шартномани, — дея қўшимча қилди министр, — сизга бутунлай ишонганим ва ҳамиша иш жойида бўлиши учуи шахсан ўзингиз кафил бўлишингизга амин эканлигимдан тузяпмиз.
— Албатта шундай бўлади.

Ўша куни кечқурун Никодим кашовицалик ординат Маврикий Чарскийнинг беваси графиня Чарскаянинг уйидаги йиғинда қатнашди. Марҳум Маврикий Чарский ўзидан сўнг унча катта бўлмаган ер-сув билан автор ҳисобига нашр этилган ўн тўрт повесть ва биронта театрда қўйилмаган олти тарихий драмадан иборат адабий мерос қолдирган эди.

Шу боисдаи ҳам графнинг беваси атрофида .адабиётчиларни йиғишни ўзининг муқаддас бурчи деб ҳисобларди: Варшавада унинг салонига келмаган биронта ҳам адабиётчи қолмаганди.

Адабиётчиларнинг кўпчилиги графиняникига тез-тез келиб турарди. Улар бу ерда қорниларини тўйғизишар ва хайр-маъзурдан сўнг марҳум граф Маврикийнинг ҳеч бўлмаганда асарларидан икки томини қўлтиқларига қистириб кетишарди. Сўнг навбатдаги зиёфатда бу дунёни тарк этган касбдошларининг истеъдодини кўкларга кўтариб мақташарди-да, шундай ажойиб ёзувчини тез унутиб юборишганидан фиғонлари чиқарди.

Олти тарихий драманинг биронтаси ўқилаёттанида фақат икки хоним — уй бекасининг жиянлари Ивонна билан Мариеттагина очиқдан-очиқ эснаб ўтиришарди.

Кўҳликкина опа-сингилларнинг дардида бу хонадонга адабиётчилардан ташқари аристократ ёшлар ҳам келиб туришарди.

Никодим остона ҳатлаб ўтган заҳоти Пшеленская ёки князь Ростоцкийникида учратган кўпгина танишларига кўзи тушди. У айниқса анови расво тундаги воқеада қатнашган хонимлариинг деярли ҳаммаси ҳозир бўлганидан хижолатга тушди. Никодим фақат, очиғини айтганда, ўзи жуда чўчиб қолган Стелланинг кўринмаганидан бир оз таскин топди.

Уни иззат-икром билан қувониб қарши олишди.

Учрангли Юлдуз ложасига аъзо бўлган хонимлар Ляля Конецпольская бошчилигида уни шундай олқишлашдики, Никодим хижолатдан ўзини қўярга жой тополмай қолди.

Уларнинг кўзлари Дизмага ўша лаънати тунни эслатиб турарди. Хонимлар пайт пойлаб у билан кўз уриштиришар ва қандайдир одобсиз қилиқлар қилишарди.

Никодим келажакда асқатиши мумкин бўлган янги танишлар орттиришни ўйламаганида бу ердан жон деб қочиб қолган бўларди.

Графиня Чарская Дизмани дарҳол марҳум Маврикий Чарскийнинг ўлмас асарлари ҳақида саволга кўмиб ташлади. Никодим «Туйғу гуллари» ва «Булбул қўшиғини» бир неча бор ўқиганини айтиб, гапни бошқа ёққа буришга ҳаракат қилди.

Бу орада Мариетта Дизмани ғоят ажойиб ёзувчи Зенон Личковский билан таништирди. Личковский шу заҳоти Никодимни адабий академия ташкил этишда иштирок қилишга ундай бошлади.
— Пан раис, сизнинг энг яхши истеъдод соҳибларини ўз ҳимоясига олиб, улар тадқиқот ишлари билан шуғулланишга имконият яратиб берадиган ташкилот тузишнинг зарурлигини тан олишингизга сира шубҳаланмайман.
— Ҳа, албатта, — дея жавоб қилди Никодим. Гарчи у гап нима хусусида кетаётганини тушунмаса-да, Личковскийнинг фикрига қўшилиш лозимлигини англади.

Мугуз гардишли кўзойнак таққан қандайдир тараша нусха такаллуфсизлик билан Дизманинг тугмасидан ушлаб, унга адабий академия тузишнинг принципларини тушунтира бошлади. Унингча, пан раис поляк адабиёти штабини тузиш ҳақидаги фикрни фақат маориф министрлигидагина эмас, балки Жеча Посполита президенти ҳузурида ҳам ёқлаб чиқиши лозим эмиш. Унинг ёнига яна бир неча меҳмон қўшилди-да, ҳаммаси Никодимдан бу ташаббусни қўллаб юборишни илтимос қила бошлади.

Дизма Личковский бошчилигидаги адабиётчиларга қўлидан келганича ёрдам кўрсатишга ваъда қилди.

Графиня Чарская меҳмонлар орасида бўзчининг мокисидай у ёқдан-бу ёққа юрарди. У Никодим учун ҳам вақт топиб, уидан қандайдир жамияти хайрия учун икки юз злотий шилиб олди.

Никодим ёши бир жойга бориб қолган икки хонимнинг суҳбатидан қутулган заҳоти жуфтакни ростлаб қолди.

Уйга келса Нинадан хат келибди. Хатда Нина одатдагидай ўз кечинмаларини тасвирлаган эди. Бундан ташқари, у Никодимдан Коборовога қайтишни илтимос ҳам қилганди.

Никодим Кшепицкинга қўнғироқ қилиб, у билан узоқ суҳбатлашди.

Уларнинг иккови ҳам ишнинг боришидан мамнун эди. Кшепицкий Дизмага Куницкийнинг ишончини қозониш лозимлигини уқтирди.
— У сизга ишонмоғн керак, пан раис, акс ҳолда ҳамма уринишимиз бекор кетадн.
— Нега ишонмас экан энди! — Никодим елкасини қисиб қўйди.
— Энг муҳими, Нина ишни бузиб қўймаса бўлди.
— Бу ёғидан қўрқманг, ўзим тўғрилайман.

Соат бирда Кунипкий ҳозир бўлди. Унинг димоғи чоғ эди. Министр ундан шпал сотиб олишга деярли рози бўлганини эшитгач, Куницкий Дизманинг бўйнидан қучди. У қадрли пан Никодимдек одам бу ёруғ оламдан топилмаслиги ҳақида жаврай бошлади.

Никодим Черпакка қўнғироқ қилиб, у билан бирга овқатланишга келишиб олганида соат тўрт бўлай деб қолган эди. Бугун Кшепицкий хўжайинга ҳамроҳ бўлмади.

Черпак ёши қирқларда бўлган чаққонгина киши экан, У чиновниклик мартабасидан воз кечиб, бирор хусусий фирмага ишга киришни орзу қилар экан.

Никодим буни дарҳол пайқади. Шу боисдан ҳам гапни чўзиб ўтирмай, унга Кобороводаги тахта тилиш заводида директорлик лавозимини таклиф қилди.

Никодим фақат министрнинг ёрдами туфайлигииа Куницкийнинг аввалиги суд процесси сабабли пайдо бўлиши мумкин бўлган тўсиқлардан ҳоли бўлганини энди тушунди.

Черпак, чамаси, пул учун ҳар қандай ишга тайёр эди.

У Дизманинг ниятини суриштириб ўтирмай, унинг барча кўрсатмаларига қатъий амал қилишга сўз берди. Никодимнинг кўрсатмалари эса оддийгина эди.
— Пан Черпак, икки кундан сўнг сиз Куницкийни ҳузурингизга чақиртирасиз.
— Хўп бўлади.
— Сўнг ҳужжатларни синчиклаб текшира бошлайсиз... Токи у барча тартиб-қоидалар бажо келтирилганидан кейингина шпал сотиш учун буюртма олишига ишонсин.
— Тушунаман, пан раис, унинг шундай тинкасини қуритайки...
— Уч кунлик музокарадан сўнг унга, министр пайшанба куни, чет элга жўнашидан олдин, сизни қабул қилиб, баъзи деталлар хусусида келишиб олмоқчи, деб айтасиз. Тушундингизми?
— Тушундим, пан раис.
— Унга, пайшанба куни эрталаб, дейсиз. Ёдингизда бўлсин — пайшанба куни эрталаб. Соат... Ҳм... Соат ўн бирда. Сўнг у билан хайрлашасиз-да, соат бирда менга қўнғироқ қиласиз. Куницкий менинг олдимда бўлади. Сиз уни телефонга чақириб, ишнинг чигаллашганини, министр унинг аввалги суд процессини билиб қолганини, агар Куницкий дарҳол ўзини оқлайдиган ҳужжатларни кўрсатмаса, битим бекор қилинади, деганини айтасиз.
— Процесс чиндан ҳам бўлганми?
— Ҳа, бўлган. Бунга жавобан Куницкий ҳужжатлар Коборовода эканлиги, ҳозироқ у ерга жўнаб, эртага министрга келтириб кўрсатажагини айтади. Менимча, худди шундай жавоб қилади. Сиз эса бундай қилишнинг иложи йўқ, эртага соат ўн биргача етиб келолмайсиз, мииистр бўлса масаланинг молиявий томони ҳақида сиз билан шахсан ўзи гаплашиб олмоқчи, деб эътироз билдирасиз. Тушунарлими?
— Тушунарли, пан.раис.
— Шундай қилиш керакки, Куницкий ҳужжатларии келтириш учун биронта бошқа одамни юборишга мажбур бўлсин, ўзи эса Варшавадан бир қадам ҳам силжий олмасин. Сиз, пан Черпак, ана шу ишнинг уддасидан чиқишингиз керак.
— Сиз учун, пан раис, ҳар қандай ишни ҳам тўғрилайман.
— Кейин бундан ўзингиз ҳам хурсанд бўласиз, — деди Дизма ўрнидан туриб.

Орадан икки кун ўтди. Никодим ҳаловатини йўқотган эди. У энг майда икир-чикирни ҳам унутмай ҳаракат режасини тузиб қўйган Кшепицкий билан тинимсиз суҳбатлашди, димоғи чоғ бўлиб, гул-гул очилиб юрган Куницкийни бир неча бор қабул қилди. Бу орада у пани Пшеленскаяникига ва хонимнинг таниши — жиноий қидирув комиссарникига бориб меҳмон бўлиб келди, хатлар ёзди, телефонда гаплашди, мажлисларда иштирок этди. Черпак билан учрашувлар бу ҳисобга кирмасди, албатта.

Никодим ичида Кшепицкийнинг абжирлигига қойил қолган эди. Секретари ёнида бўлганида у ўзини анча дадил сезарди. Шу билан бирга Дизма Кшепицкий ҳам унинг ёнида кам бўлмаётганини яхши тушунарди. Режа аста-секин амалга оша бошлади. Куницкий кўз илғамас тўрга тушиб қолган эди. У ҳар гал Черпак билан учрашганидан сўнг банкага келиб, ўз қувончи ва миннатдорчилигини яширмай, Дизмага батафсил ахборот берарди. Никодим ҳам ўз навбатида дўстлик ва садоқат ҳақида гап сотиб, унга хушомад қиларди.

Ниҳоят, ҳал қилувчи пайшанба куни ҳам етиб келди, Роса соат бирда пан раиснинг кабинетида қўнғироқ жиринглаб қолди.
— Ҳе, жин урсин! — гўё зардаси қайнаган киши бўлиб деди Никодим. — Кечирасиз, пан Куницкий, кўрай-чи, ким экан шу пайтда қўиғироқ қилаётган.
— Бемалол, азизим пан Никодим, — деди хурсанд бўлиб стулда тебраниб ўтирган Куницкий.
— Эшитаман!..
— Нима?
— Э, саломатмисиз! Омадингиз бор экан: пан Куницкий худди шу ерда, олдимда ўтирибди.

Шундай дея у трубкани Куницкийга узатди.
— Пан Черпак сўраяпти. У сизни бутун шаҳардан қидираётганмиш.

Куницкий тоубкани олиб, қулоғига тутди.
— Алло!.. Яхшимисиз, пан бошлиқ, саломатмисиз! Марҳамат, нима хизмат бор эди?

Дизма ўрнидан туриб дераза олдига борди-да, диққат билан қулоқ сола бошлади. У ҳаяжонга тушиб, дераза таглигини маҳкам қисди. Бироқ аста-секин унинг кўнгли жойига туша бошлади. Ҳаммаси мўлжалдагидек кетмоқда эди.

Куницкийнинг товушида безовталик, қўрқув ва илтижо оҳанглари сезила бошлади. Ниҳоят, у трубкани жойига қуйиб, хитоб қилди;
— Нима қилиш керак! Нима қилсам экан!
— Нима гап ўзи? — дея ҳамдардлик билан сўради Дизма.

Куницкий ўзини стулга ташлаб, пешанасидан терни артди-да, одатдагидан баттарроқ шушулаганча, процесс ҳақидаги ҳужжатларнинг зарур бўлиб қолгани тўғрисида гапира кетди: у жуда бўлмагаида эртага кечқурун соат саккизгача ҳужжатларни келтириб кўрсатиши лозим эмиш... Бироқ уларни олиб келиш учун ўзи Крборовога боролмасмиш, чунки эртага соат ўй бирда министрнинг қабулида бўлиши керак экан. Министр шундан сўнг бир ойга жўнаб кетар экан.
— Қутқаринг, азизим пан Никодим, маслаҳат беринг, нима қилай?
— Ҳм... Бунинг нимаси қийин экан: Коборовога телеграмма беринг, ҳужжатларни юборишади-қўйишади,
— Эҳ, қани эди буни иложи бўлганида! — деди йиғламоқдан бери бўлиб Куницкий. — Ҳужжатлар пўлат сандиқда, калитлар эса менда.
— Унда дарҳол биронта одамни жўнатиш керак... Автомобилингиз бор-ку. Шоферни жўнатинг қўйинг.
— Шоферни дейсизми? Азизим! Наҳот пўлат сандиқ калитини шоферга бера олсам?! Ахир бор пул, қоғозлар, қимматбаҳо буюмлар ва катта аҳамиятга эга бўлган ҳужжатларнинг бари ўша ерда сақланади-ку. Ё тангрим, ё парвардигор, энди нима қилиш керак?!

Дизма бир зум хаёлга чўмди.
— Хўп, яхши, Варшавада биронта ишончли одамингиз борми?
— Ҳеч ким, ҳеч ким йўқ!
— У ҳолда шпал буюртмасидан воз кечишга тўғри келади.
— Аммо бу миллион злотий фойда келтиради-я, миллион! — дея бижиллай кетди Куницкий. — Буни анчадан бери орзу қилиб юрган эднм! Энди бўлса... Эҳ, қандай аҳмоқман-а, уни ола келсам ўлармидим!..
— Нимани айтяпсиз!
— Сизга кўрсатган кўк папкани-да. Эсингиздами?

Шундай дея Куницкий пешанасига шапатилади. У яна нимадир демоқчи бўлди-ю, бироқ лабини тишлаб индамади.
— Эсимда, албатта. Кўк папкани айтяпсиз-да, — дея тасдиқлади совуққонлик билан Дизма.
— Бунинг яна битта йўли бор, — деди тараддудланиб Куницкий, — битта чора бор, аммо...

Дизма, бирдан Куницкий дилимдагини сезиб қолса-я, деб чўчиди ва аста; ерга қаради.
— Хўш, қандай чора экан?
— Ҳм... Ҳатто илтимос қилишга ҳам журъат этолмаяпман... Аммо бунинг қандай муҳнмлигини ўзингиз ҳам яхши тушунасиз. Мен учун ҳам, ўзингиз учун ҳам...
— Бўлмасам-чи. Миллион злотий кўчада юмалаб ётмайди.
— Азизим пан Никодим, — деди ортиқ чидаёлмай Куницкий, — фақат сизгина ҳамма ишни қутқариб қолишингиз мумкин.
— Мен-а? — дея ажабланди Дизма.
— Ҳа, сиз, сиз, чунки мен фақат сизга ишонаман. Пан Никодим, азизим, қадрдоним, йўқ деманг.
— Нима қилишим керак ўзи?
— Рост, бир оз чарчайсиз, аммо айни қирчиллаган пайтингиз-ку ахир! Азизим пан Никодим, Коборовога бориб келмайсизми, а?

Куницкий чўнтагидан ичида калитлар шиқирлаб турган чарм халтачани олди.
— Мени қутқаринг. Ҳамма умидим сиздан.

Никодим елкасини қисди.
— Бировларнинг сандиғини титкилашни ёқтирмайман.
— Азизим! Қадрдоним, йўқ деманг энди! — Куницкий илтижо билан қўлларини қовуштирди.

Никодим гўё ўйланиб қолгандек бир оз сукут қилиб турди.
— Телба одамдек елиб бориш... Кечаси билан ухламай чиқиш...
— Нима қилиш керак, а, нима қилиш керак?

Дизма бир оз вақт ёзув столини чертиб турди-да, ниҳоят, қўл силтади.
— Ҳай майли, жин чалсин сизни, бўпти, бораман.

Чол шушулаб миннатдорчилик билдирганича Никодимнинг қўлини сиқа бошлади. Аммо унинг митти кўзларида ҳамон қўрқув ва ҳадик ифодаси йўнаб турарди.
— Сандиғингиз қайси калит билан очилади?
— Мана буниси билан. Лекин қуруқ калитнинг ўзи билан очилмайди. Ундаги соатнинг юқори милини тўққизга, пасткисини еттига тўғрилаш керак.

Дизма қўлига қарам олиб, рақамларни ёзиб олди.
— Хўп, яхши, бирон нима еб оламан-да, йўлга чиқаман. Автомобиль чақиринг.

Бир соатдан сўнг, секретари билан маслаҳатлашиб олгач, Никодим пастга тушди.

Куницкий уни дарвоза олдида кутиб турган экан. Чол ҳаяжонини яширолмай қолганди. У Дизмага шубҳаланиб тикилганича сўнгги кўрсатмалар бериб, ҳужжатлар солинган папка юқори токчанинг ўнг томонида эканлиги, суд процесси ҳақидаги ҳужжатлар бир жойга тўпланганлиги боисидан бошқа жойни титкилашнинг ҳожати йўқлигини тушунтирди.
— Яхши, яхши, — деди Куницкийнииг гашгаи бўлиб Дизма ва автомобиль эшигини очди.
— Кейин сандиқни яхшилаб қулфлашни, соат милларини тўғрилаб қўйишни унутманг, азизим пан Никодим.
— Хўп... Хайр. Қани, кетдик.

Машина жойидан қўзғалди. Орадан чорак соат ўтмай улар шаҳар ташқарисига чиқиб олишди.

Никодим ингичка ва узун пўлат калитни олиб, уни қизнқиб кўздан кечира бошлади.
— Миттигина нарса-ю, — дея тўнғиллади у, — шунча нарса унга боғлиқ бўлиб қолди-я.

Автомобиль таниш йўлдан елиб борарди. Кўп ўтмай ёмғир ёға бошлади, машина ойналари майда-майда томчилар билан қопланди. Кузда кунлар қисқа бўлганидан қоронғи тушай деб қолган эди. Никодим ёқасини кўтариб бўлажак иш ҳақида хаёл сурганича мудрай бошлади.

Машина фақат бир марта тўхтади — кимдир йўлга ташлаб кетган мих покришкани тешиб юборгани туфайли ғилдиракни алмаштиришга тўғри келди.

Йироқдан Коборово чироқлари милтираб кўринганида вақт алламаҳал бўлиб қолган эди.

Никодим автомобилдан тушиб, шоферга алланимани буюрди. Эшик очилиб, уйдан хизматкорлар югуриб чиқишди.
— Бека уйдамилар? — дея сўради Никодим уларнинг саломига алик ҳам олмай.
— Уйдалар, пан жаноби олийлари. Кутубхонада ўтирибдилар.
— Яхши.
— Уларга хабар қилайликми?
— Керак эмас. Кетаверинглар. Ўзим топиб оламан. Никодим қоронғи меҳмонхонадан ўтиб, кутубхона эшигини очди. Нина стол устига энгашиб қандайдир китобни ўқиб ўтирарди. У ҳатто бошини ҳам кўтармади. Никодим эшикни ёпди-да, томоқ қирди.

Шундан кейингина Нина бошини кўтарди, у томонга қараб қичқириб юборди. У ўрнидан сапчиб туриб, Никодимнинг олдига югуриб келди-да, бўйнидан қучоқлади,
— Нико, Нико, Нико!..

Нина унинг пинжига тиқилар экан, юзлари қувончдан порлаб турарди.
— Келдингми, келдингми, азизим, жонгинам!
— Саломатмисан, Ниночка?
— Ё тангрим, сени қаидай соғинганимни билсанг эди!
— Мени соғинмади деб ўйлаяпсанми?
— Қани, ўтир. Айт, бу ерда кўп турасанми?
— Афсус, бир неча соатдан сўнг жўнайман.
— Нималар деяпсан? Бу даҳшат-ку ахир!
— Ишнинг ўзи шундай бўлиб қолди.

Нина унинг юзлариии силай бошлади. Никодим қисқагина қилиб келиш сабабини айтди, кейин бирров бўлса ҳам Нинани кўриш имкони туғилганидан севиниб, бу ёққа жўнаганини қўшиб қўйди.

Нина Никодимнинг тиззасига ўтириб, ҳижрон алами, муҳаббат, умид, келажакда турмуш қуришгач, кечирадиган бахтиёр ҳаёт ҳақида сўзлар экан, гап орасида уни ўпар эди.
— Агар бирор кутилмаган воқеа содир бўлмаса, — дея унинг гапини бўлди Дизма, — биз сен ўйлагандан эртароқ турмуш қурамиз. .
— Қандай қилиб? Ажралиш-чи? Ахир судда ажралиш бир неча ойлаб чўзилармиш-ку.
— Ишни судсиз ҳам бир ёқли қиламиз. Мен адвокат билан маслаҳатлашдим. Биз никоҳни бекор қиламиз.
— Мен бунақа ншларни тушунмайман, — деди Нина бир оз иккиланиб, — лекин сен шуни ўйлаган бўлсанг, жуда олижаноблик қилибсан.

Улар овқатланиш учун емакхонага ўтишди. Нина Никодимдан вақтини қандай ўтказаётганини сўраб-суриштира бошлади. У Дизманинг Чарскаялар ва Ростоцкийларникига бориб туриши, адабий академия ташкил қилиш комитетининг нозири эканлиги ҳамда банкага юз мингга яқин злотий қўйганидан жуда хурсанд бўлди.

Улар ўринларидан туришгач, хизматкор кириб, шофер Варшавага қайтиб кетиш учун ҳаммасини ҳозирлаб қўйганини хабар қилди.
— Яхши. Айтинг, кутиб турсин.

Никодим чўнтак соатига қараб қўйди-да, шошилиши лозимлигиии айтди. Нина у билан Куницкийнинг кабинетига бормоқчи бўлган эди, Никодим ундан шу ерда кутиб туришни илтимос қилди.
— Нега энди? — ажабланиб сўради Нина.
— Биласанми, мен баъзи қоғозларни ўқиб, баъзи нарсаларни ёзиб олишим керак... Сен ёнимда бўлсанг, бу ишларга қўлим тегмай қолади... Мени кутиб тур, дарров қайтаман.

Никодим чироқни ёқиб, оғир духоба пардани бир четга сурди.

Токчада янлил пўлат сандиқ қаққайиб турарди. Никодим унга синовчан назар ташлади. Агар қароқчилар бу ердаги қимматбаҳо нарсаларни ўмариб кетишни хаёл қилишса, сандиқ очиш учун анча тер тўкишлари керак бўлади. Дизма эса қийналмай-нетмай уни бир минутда очади.
— Агар калланг яхши ишласа, — деди овоз чиқариб Пикодим, — очқичнинг ҳам кераги йўқ... Тўғри, ҳамма режани Кшепицкий тузди, аммо фойдаси менга тегади.

Калит қулф ичида оҳиста буралди. Даста секин пастга тушиб, эшикча очилди.

Сандиқ ичи саранжом-саришта эди. Ўнг томондаги токчаларда китоблар ва ҳужжатлар солинган папкалар, чап томонида эса даста-даста пуллар тахлаб қўйилганди. Икки токчага турли қутичалар терилганди; Дизма аввало ўша қутичаларни очиб қаради, турли дуру гавҳарлар, беҳисоб олтин узуклар, маржон, қимматбаҳо тўғнағич, биллур ва ёқутлар...
— Худди заргарлик магазинига ўхшайди-я. Шошилиш керак эди.

Никодим барла папкалар, ҳисоб-китоб дафтарларини олган эди, бир уюм бўлди. Дизма буларни ёзув столига олиб ўтди-да, кўк папкани бир четга суриб қўйиб, дуч келган биринчи дафтарни очди. Никодим сана ва рақамлар билаи тўлдириб ташлаиган бу дафтарни варақлар экан, олдида Куницкий судхўрлик билан шуғулланиб юрган пайтида тузган қарздорлар рўйхати турганини англади. Буни ундириб плинган процент рақамларн ҳам исботлаб турарди. Бошқа ёзувлар орасида гоҳо-гоҳо «гр. Понимирский — 12000 злотий», «гр. Понимирский — 10000 злотий» каби қайднома такрорланарди.

Дизма бошқа дафтарнн очиб қаради. Буниси Кобороводан олинган даромадлар рўйхати экаи. Учинчи, тўр-тинчи ва бешинчи дафтарлар ҳам рақамларга тўлиб кетган эди.

Уларнинг Никодим учун қизиғи йўқ эди. У папкаларни очиб кўришга аҳд қилди. Днзма қидирган нарса — векселлар биринчи папкада экан. Аслида улар вексель ҳам бўлмай имзо чекилган тоза бланкалар эди. Бланкалар бутун бир даста бўлиб, ҳаммасига: Нина Куницкая Нина Куницкая, Нина Куницкая, Нина Куницкая, дея имзо чекилган эди...

Векселлар остида Нинанинг эрига берган ваколатномаси ва Коборовони Нинага сотилгани ҳақидаги нотариал акт ҳам. бор экан.

Дизма бу ҳужжатни олиб, чўнтагига солди-да, сўнг папканинг боғичини боғлаб, уни ҳалиги кўк папканинг устига қўйди.

У бошқа папкаларни ҳам кўздан кечира бошлади. Натижа кутилганидан ҳам зиёда бўлиб чиқди. Никодим биринчи папкаданоқ иккита конверт топиб олди. Кичкина конвертга: «Менннг васиятномам», каттасига эса: «Мен ўлган тақдиримда очилмасдан ёқиб юборилсин», — дея ёзиб қўйилганди.
— Ўлган тақдиримда эмиш, — кулиб юборди Никодим, — лекин ҳали тириксан, шунинг учун ҳам очаверса бўлади.

Шундай дея у сурғуч муҳрни синдириб, конвертни очди.

Ундаги қоғозларнинг энг тепасида Австрия паспорти турарди.
— Қўлга тушдинг-ку, ошна!

Паспорт Геновефа Куник ва номаълум отадан туғилган Леон Куник номига берилган эди. Унда «касби» деган графага кўрнинг ҳассасидай қилиб: «Кельнер», деб ёзиб қўйилганди.

Конвертдаги кейинги ҳужжат кумуш идишларни ўғирлагани учун уч ой қамоққа ҳукм қилингани ҳақидаги Краков судининг қарори эди. Унинг тагидан бир даста хат чиқди. Сўнг турли рақамлар билан тўлдириб ташланган дафтарча билан яна суд қарори кўзга ташланди. Бу гал энди Варшава суди қалбаки пул ишлагани учун Леон Куникни икки йил қамоққа ҳукм қилган эди.

Никодим соатига қаради-да, сўкинди.

Вақт ярим тундан ошиб қолган эди. У стол устида сочилиб ётган қоғозларни апил-тапил йиғиштириб, чўнтагига тиқди.

Қолган нарсаларни сандиққа қайта солди-да, уни қулфлаб, ҳалиги икки папкани кўлтиғига қистирганича хайрлашиш учун Нинанинг олдига чиқди. Уни будуарда кутиб ўтирган Нина энди асабийлаша бошлаган экан. Шунга қарамай жувон уни табассум билан кутиб олди.
— Йўлга чиқишинг керакми, жонгинам?
— Нимаям қилардим, кетмасам бўлмайди, — Никодим унинг ёнига ўтириб, қўлидан тутди. — Азизим Ниночка, — дея гап бошлади.у, Кшепицкий тайинлаган гапларни эслаб, — азизим Ниночка, айт-чи, менга ишонасанми?
— Ҳалиям шуни сўраяпсанми?! — таъна аралаш деди Нина.
— Биласанми... сенга қандай айтсам экан... Баъзи воқеалар содир бўлади... Баъзи нарсалар ойдинлашади...
— Гапингни тушунмаяпман.
— Ё ҳаммаси аслича қолиб, сен бутун умрингни Куницкий билан ўтказасан ёки биз никоҳдан ўтиб, Куницкий асфаласофилинга кетади. Бу ёғи сенга боғлиқ бўлиб қолди.
— Ник! Ахир ҳаммаси равшан-ку!
— Мен ҳам шундай ўйлаймаи. Ундай бўлса Ниночка, сендан илтимос қиламан... Сен менга ишонишинг, ҳамма гапимга рози бўлиб, сира эътироз билдирмаслигинг лозим. У ёғини ўзим тўғрилайман.
— Яхши, лекин нега бундай сирли оҳангда гапиряпсан? Ахир бусиз ҳам масала равшан-ку!
— Ҳали ҳаммаси ойдинлашгани йўқ, — деди Дизма бир оз иккиланиб. — Аммо яқин кунларда ойдинлашади. У қари одам, сен билан биз эса яшашимиз керак... Тушундингми?..

Нинанинг кўнглига ғулғула тушган бўлса-да, аммо суриштириб ўтиришии лозим тонмай, соддагина қилиб деди:
— Сенга ишонаман.
— Мана бу бошқа гап. — Шундай дея Никодим ўзининг тиззасига шапатилади. — Энди мен жўнашим керак. Хайр, Ниночка, хайр, жонгинам.

У Нинани қучоқлаб ўпа бошлади.
— Хайр, гўзалим. Мени ёвуз одам деб ўйлама. Ёдингда бўлсин: мен нима иш қилсам, сени жонимдан ортиқ севганим учунгина қиламан.
— Биламан... биламан... — дея жавоб қилди Нина унинг юз-кўзидан ўпар экан.

Никодим хайрлашаётиб Нинанинг пешанасидан ўпди-да, папкаларни олиб, будуардан чиқди. Вестибюлда Дизма пальтосини кийгач, ёнларида хизматкор тургани учун Нина у билан гўё оддий танишидек яна бир бор хайрлашди.
— Хайр, яхши етиб боринг. Анави масалада эса нимани лозим топсангиз, ўшандай йўл тутаверинг... Сизга ишонаман.... Умуман, кимгадир ишониш керак-ку ахир... Хайр...
— Хайр, пани Нина, кўнглингиз тўқ бўлсин, ҳаммаси жойида бўлади.
— Тезроқ қайтиб келинг.
— Қўлим бўшаган заҳоти қайтаман. Никодим Нинанинг қўлини ўпди. Хизматкор эшикни очган эди, Никодим шаррос қўяётган ёмғирда югуриб бориб, автомобилга ўтирди.
— Лаънати ҳавони қаранг-а, — дея тўнғиллади Дизма, машина эшигини шарақлатиб ёпар экан.
— Қечаси билан ёғса керак, — деди унга жавобан шофер.

Чиндан ҳам ёмғир эрталабга қадар тинмади. Машина Варшавага кириб келганида томига қадар лойга беланган эди.

Дизма ўз квартирасининг эшигини очииб у ерда Кшепицкийга дуч келганида ҳали соат саккиз ҳам бўлмаган эди. Улар, хизматкор эшитиб қолмаслиги учун, кабинет эшигини ёпиб, Никодим келтирган ҳужжатларни кўздан кечира бошлашди.

Кшепицкий боши осмонга етиб, қўлини бир-бирига ишқарди. Суд процессига тааллуқли хатлар ичидан чиновникларга пора берилгани ҳақидаги ҳужжат топилгач, у ўрнидан сапчиб туриб, деди:
— Гап тамом, жиноий қидирув бўлимига борамиз.
— Векселлар-чи? — сўради Дизма.
— Векселларми?.. Ҳм... Очиғини айтганда, уларни сақлаб қўйилса ёмон бўлмасди: ахир бир кун эмас, бир кун Нинанинг сиздан кўнгли қолиши мумкин. Лекин унинг сизга тегишига имонигиз комил экан, уларни ёқиб юборганимиз маъқул.
— Менга тегишига шубҳа йўқ.
— Жуда яхши. Кетдик бўлмаса.

Жиноий қидирув бўлимининг бошлиғи катта комиссар Рейх юқорироқ мансабга эришиш учун ҳеч қандай ишдан қайтмайдиган одамлардан. эди. Совуққон, сезгир ва миришкор Рейх Дизманинг пинҳоний ниятини дарҳол фаҳмлади. Кшепицкий ўз бошлиғининг холислиги хақида тинмай санаётганига қарамай, катта комиссар Рейх гапнинг пўскалласини айтиб, масалани кўндаланг қилиб қўйди:
— Пан раис, сиз Куницкаяга уйланмоқчимисиз?

Дизманинг шундай нияти борлигини айтиб, ростига кўчишдан бўлак иложи қолмади.
— Комиссар менинг шахсий ҳаётимга аралашяпти, деб ўйламанг, пан раис. Асло ундай эмас. Лекин, менимча, Куницкий қамоққа олингач, табиий, суд процесси бўлиши керак..
— Тўғри, — дея унинг гапини тасдиқлади Кшепицкий.
— Ҳамма гап ана шунда! — дея давом этди комиссар. — Катта шов-шувга сабаб бўладиган бундай процессдан бўлажак рафиқангиз, қолаверса, ўзингиз ҳам унчалик хурсанд бўлмасанғиз керак, деб ўйлайман,
— Ҳм... Сизнингча, нима қилиш керак?

Комиссар Рейх бир зум сукут сақлаб турди.
— Пан раис, бундан қутулишнинг фақат битта йўли бор.
— Хўш?
— Айтайлик, Куницкий ўн йилга, кам деганда, олти йилга қамалади. Бу шубҳасиз. Далиллар шундайки, чол сираям қутулиб кетолмайди. У билан бирор битимга келиш учун уриниб кўрсак, нима дейсиз?..
— Битимга-я?..
— Ҳа-да. Ҳарқалай ўн йил қамоқда ётишни сираям истамаса керак. Ўйлашимча, у сизнинг таклифингизга рози бўлиб, хотинининг ер-мулкига даъво қилмайди, бунинг эвазига сиз маълум миқдорда пул ва чет эл паспорти берасиз. Хоҳлаган мамлакатига жўнайверсин.
— Аммо дарҳол қайтиб келади-да.
— Бунинг ҳам йўли бор. Биз бундай қиламиз: уни мен бугун қамоққа оламан-да, қаттиқ сўроқ қилиб, манови ҳужжатларни кўрсатаман ва сал бўшаши учун уч-тўрт кун авахтага тиқиб қўяман. Сўнг яна сўроқ қилиб, уига ҳалиги битимни таклиф қиламан. Агар рози бўлмаса — ўзидан кўрсин, рози бўлса — қўлига паспортни тутқазиб, чет элга қочириб юбораман. Қочириб юбораман! Тушуняпсизми? Қочса мутлақр қайтиб келолмайди, чунки мен унинг ортидан қамоққа олиш ҳақида буйруқ юбораман. Бунга нима дейсиз, пан раис?
— Жуда пухта ўйлабсиз, — дея бош ирғади Кшепицкий.
— Мен ҳам шу фикрдаман, — акс садодек такрорлади Дизма.
— Ҳа, яхши режа албатта, — дея давом этди Рейх, — бироқ уни амалга ошира олишимга имоним комил эмас. Агар бу гаплар очилиб қолса, ҳаммадан кўп мен азият чекаман. Жуда бўлмаганда истеъфога чиқариб юборишади, ҳатто қамоққа ташлашлари ҳам мумкин. Жуда қалтис иш...
— Пан комиссар, — дея унинг гапини бўлди Кшепицкий, — менимча, бекорга ҳадиксираяпсиз, Пан раис ҳукумат доираларида мўътабар одам ҳисобланадилар. Бутун Варшавада пан раисдек дасти дароз одам топилмаса керак.

Рейх таъзим қилди.
— О, мен. буни жуда яхши биламан! Шунинг учун ҳам пан раисдек мўътабар одамга арзимас бир яхшилик қилиб қўйсам, ғоят хурсанд бўлардим. Ахир у киши келажакда мени унутмасалар керак.
— Ҳа, албатта, — бош ирғади Дизма.
— Ғоят миннатдорман. Мен пан раиснинг ҳомийлик қилишларини ўзим учун шараф деб биламан. Шу боисдаи у кишидан кичкина бир нарсани илтимос қилмоқчиман.
— Марҳамат, қўлимдан келганича ёрдам бераман.
— Сиз учун бу нарса арзимаган иш, мен учун эса катта аҳамиятга эга. Гап бундай, полиция бошлиғининг ўринбосари янги йилдан истеъфога чиқяпти. Агар сиздек мўътабар одам бир оғиз айтиб қўйса, мени унинг ўрнига тайинлашлари мумкин эди...
— Бу иш кимга боғлиқ? — дея сўради Дизма.
— Ички ишлар министрига.
— У ҳолда, кўнглингиз тўқ бўлсин, — жавоб қилди Дизма, — министр менинг дўстим.
— Ғоят миннатдорман.

Шундай дея Рейх Дизманинг қўлини қисиш учун сакраб ўрнидан турди.

Сўнгра улар ишнинг тафсилотларини муҳокама қила бошлашди. Рейх билан Кшепицкий масалани ҳар томонлама келишиб олишди. Дизма уларнинг гапларига ҳайратланиб қулоқ солар экан, ичида ўзи ҳеч қачон ишни шундай усталик билан амалга ошира олмаслигинн тан олиб қўйди.

Банкада уларни Куницкий кутиб турган экан. Унинг юз-кўзи, бутун хатти-ҳаракатларидан безовталанаётганлиги кўриниб қўйди.

Секретарь чолнинг ёнидан ўтар экан, унга истеҳзо аралаш қараб қўйди, бироқ Куницкий буни ҳатто сезмади ҳам. У пилдираганча Дизманинг олдига югуриб келди-да, бидирлай кетди:
— Келдингизми! Жуда хурсандман. Папкани олиб келдингизми?
— Салом. Олиб келдим.
— Пан Никодим, бу нима дегани ўзи?
— Нимани назарда тутяпсиз?
— Министрнинг қабул қилиши ҳақидаги гапни-да! Черпак қабул кечиктирилди, деди. Министр, умуман, ҳеч қаёққа жўнамасмиш. Пан Никодим, нима гап ўзи?
— Кабинетимга кирайлик, — қизариб жавоб қилди Дизма, — ўша ерда ҳаммасини тушунтириб бераман.
— Ҳеч нимани тушунолмай қолдим, ҳеч нимани, — такрорларди Куницкий Дизманинг ортидан пилдираб борар экан.
— Игнатий, сен шаҳарга боришинг мумкин, — дея хизматкорга жавоб бериб юборди Дизма.

Игнати чиқиб кетгач, Никодим Куницкийга ўгирилиб деди:
— Биласизми, хотинингиз сиз билан ажралишмоқчи.
— Нима дедингиз? — дея сапчиб тушди Куницкий.
— Айтдим-ку. У сиздан ажралиб, менга тегмоқчи.

Куницкий Дизмага ғазаб билан қараб қўйди.
— Ҳали шунақа денг... Балки, у сиз билан келгандир ҳам?
— .Йўқ, Нина Коборовода қолди.

Чол тинимсиз лабларини тишларди.
— Қачон шундай фикрга кела қолибди? Йўқ, бундай бўлиши мумкин эмас. У менга ҳеч нима демаганди-ку! Шунчаки инжиқлик қилаётган бўлса керак? Сизнинг иғвонгизга учган бўлса керак-да...
— Иғвога бало борми.. У мени яхши кўриб қолган, сиздек алжиган чол жонига тегибди.
— Лекин бу алахсиган чолнинг миллион-миллион пули бор! — дея пишиллади Куницкий.
— Шимилдириқ ҳам йўқ сизда, миллионмиш-а. Миллионлар ҳам, Коборово ҳам Нинаники.
— Қоғозда, фақат қоғозда, муҳтарам раис. Суқланадиган жойи йўқ!
— Балки бордир, — файласуфона гап қотди Дизма.
— Афсус, сизга жуда ачинаман, — дея ичқоралик билан ҳиринглади Куницкий, — лекин менда хотиним берган векселлар бор. Улар ер-мулкнинг нархини тўла қоплайди.

Никодим қўлларини чўнтагига тиқиб, лаблариии чўччайтирди.
— Векселлар масаласига келсак, пан Куницкий, улар чиндан ҳам бор эди. Ҳа, бор эди, энди эса йўқ бўлди.

Куницкий докадай оқариб кетди. У аъзойи бадани титраб, ҳансираганича ингради:
— Нима?.. Нима?.. Қанақасига «йўқ» бўларкан?
— Шунақасига.
— Ўғирлабсан! Сен менинг векселларимни ўғирлабсан?! Калитни, сандиқнинг калитини чўз бу ёққа!
— Бермайман.
— Ахир бу талончилик-ку! Ўғри, бандит! Сени авахтага тиқаман!
— Ўчир овозингни, қари қирчанғи! — дея ўшқирди Дизма.
— Талончи! Калитни бер!
— Бермайман, чунки калит сеники эмас — тушундингми, аблаҳ! Сеники эмас, Нинаники. Сандиқ ҳам, калит ҳам уники.
— Э, йўқ! Кекса Куницкийни алдаш осон деб ўйлама, ярамас. Ҳали Польшада адолат бор, суд бор ҳали! Сенга калитни бераётганимни кўрган гувоҳлар бор. Ўпкангни бос, ошна! Нинани ўзи ҳам векселларга имзо чекканини тан олади ҳали.
— Бундан ташвиш қилмай қўя қол. Бу ёғи менинг ишим.
— Суд бор! — деди яна қизишиб Куницкий. Шу пайт даҳлизда қўнғироқ жиринглаб қолди.
— Суд билан қўрқитмоқчи бўлади-я, ҳайвон! — Дизма полга тупурди-да, эшикни очиш учун чиқиб кетди.
— Аблаҳ, вой аблаҳ-ей! — Куницкий қопқонга тушган тулкидек хонада у ёқдан-бу ёққа зир югурарди. — Ҳозироқ прокурор олдига, полицияга бораман...

Бироқ чол ҳеч қаёққа боролмади, эшик очилиб, хонага полиция сержанти билан жиноий қидирув хизматининг гражданча кийинган икки агенти кириб келди.
— Леон Куницкий ёки Куник сиз бўласизми? — дея қуруққина қилиб сўради сержант.
— Ҳа, мен Куницкий бўламан.
— Сиз қамоққа олиндингиз. Кийининг-да, биз билан юринг.
— Мен-а? Қамоққа олиндингиз? Нима сабабдан? Бу англашилмовчилик бўлса керак.
— Ҳеч қандай англашилмовчилик йўқ. Мана сизни қамоққа олиш ҳақидаги ордер.
— Нега, нега энди?
— Буниси билан ишим йўқ, — дея елкасини қисди сержант, — буни сизга жиноий қидирув бўлимида айтиб беришади. Қани, кетдик! Қуролингиз борми?
— Йўқ.
— Уни тинтинглар.

Агентлар Куницкийнинг чўнтакларини тинтиб кўришди. Қурол чиндан ҳам йўқ экан.
— Қани, кетдик! Сизни безовта қилганимиз учун бизни кечирасиз, пан раис, шундай буйруқ олган эдик. Хайр.
— Буйруқни бажариш керак, албатта, — деди Дизма. — Яхши боринглар.

Қуницкий ўгирилиб, яна бир нима демоқчи бўлди, бироқ агент уни бир туртган эди, чол бир зумда ташқарига отилиб чиқди.

Никодим бўшаб қолган даҳлизда узоқ туриб турди. Ниҳоят ойнага қараб, сочларини силади-да, емакхонага қайтиб кирди. Столга дастурхон ёзилгаи бўлиб, нонушта келтириб қўйилганди, Дизма эса уни унутиб қўйганди. Никодим қорни жуда очганлигини фақат энди пайқади. Кофе совиб қолган экан, унга шакар солган эди, эримади. Никодим буфетдан ароқ тўла графинни олиб, тарелкасига ветчина, колбаса ва бузоқ гўшти солди-да, нонушта қилишга тушди.
— Чамаси, пешанамга мўътабар одам бўлиб ўлиш ёзилган кўринади, — деди ўзига ўзи Никодим учинчи қадаҳни қўлига олар экан. — Сизнинг саломатлигингиз учун, пан раис.

Шивалаб ёғаётган ёмғир дераза ойнасига чирсиллаб уриларди, ташқари эса ғира-шира эди.

15-боб

Дизма генерал Яжиновскийни ёқтирмаслигининг сабаби бор эди: генералнинг кўзлари доим истеҳзо билан боқарди, у одамлар билан қуруқ муомала қиларди. Аммо Никодимга энг ёқмаган томони генералнинг Терковский билан дўстлиги эди. Бир неча бор таклиф қилинганига қарамай, Никодим Яжиновскийлар хонадонидан ўзини опқочиб юрди. Бироқ бу гал боришга мажбур бўлди — генерал, агар пан раис бу гал ҳам бизникига қадам раижида қилмасалар, буни ҳақорат деб тушунаман, дея очиқдан-очиқ айтган эди, Дарвоқе, Дизма Терковскийнинг шу кунларда Жегестовда эканлиги ва шу боисдан ҳам Яжиновскийникига бориши даргумонлигини яхши биларди.

Аслида Диаманинг Терковскийдан ўзини тортиб юришиға ҳеч қандай асос йўқ эди. У дилида Терковскийга нисбатан ҳеч қандай хусумат сезмасди, бироқ, улар ашаддий душман, деган миш-миш кенг тарқалган бўлиб, барча шу гапни такрорлайвергач, охир-оқибатда Никодимнинг ўзи ҳам бунга ишониб қолганди. Терковский ҳам, ўз навбатида, унга совуқ ва ҳатто бир оз адоват билан муомала қиларди. Дизманинг бахтига, унинг мавқеи анча мустаҳкам бўлиб, Терковский буни инобатга олмай иложи йўқ эди. Никодимнинг Терковский балан яқинлашишдан ўзини олиб қочишга яна битта сабаб бор эди. «Роҳиба» хонимларнинғ шама қилишларига кўра, кабинет бошлиғи бўлган бу бақалоқнинг «сирдан воқиф бўлганлар» билан алоқаси бўлиб, Никодим бу жамоатдан анча хавфсираб юрарди.

Яжиновскийлар банкига яқин бўлган Вильчая кўчасида истиқомат қилишарди, шунинг учун ҳам Дизма у ерга пиёда жўнади. Чамаси, меҳмонлар кўп эди — дарвоза олдида йигирмага яқин автомобиль йиғилиб қолганди. Даҳлизда пальтолар уюлиб ётарди, хоналардан кулги ва гангур-гунгур товушлар эшитилиб турарди.

Генерал ва унинг рафиқаси Дизмани самимий кутиб олишди-да, меҳмонхонага бошлаб киришди. Худди шу пайт у ерда ҳамма жимиб, йўғон билаклари яланғоч хўппа семиз бир хоним рояль ёнига ўтирган эди. Дизма беихтиёр эшик олдида тўхтаб, танишларининг саломига бош ирғаб жавоб беришга мажбур бўлди. У ҳатто кимга таъзим қилаётганини дурустроқ илғай олмади ҳам.

Никодимнинг кўзи ҳаммадан олдин қора фрак қийган эркаклар орасида турган Терковскийга тушди.
— Оббо, ланъати келибди-да! — дея тўнғиллади ўзича Дизма роялнинг илк садолари янграётганда.

Никодим Терковский билан юзма-юз тўқнашиб қолмаслик учун ундан ўзини опқочиб юришга аҳд қилди. Бундай гавжум меҳмонхонада бунинг унчалик қийин жойи йўқ эди, боз устига у билан учрашишга Терковскийинг ҳам тоби бўлмаса керак.

Бироқ Терковский одамлар орасидан ўтиб, ўзига томон келаётганини кўргач, Никодим ҳайратдан оғзи очилиб қолди. Терковский Дизма билан саломлашиб, унинг қултиғидан тутди-да:
— Юринг, чекиб келамиз, — дея шивирлади.

Икки арбоб салондан ўтиб боришар экан, меҳмонларнинг бари улардан кўзини узмай турарди. Улар генералнинг кабинетига киришди.

Терковский чўнтагидан катта олтин портсигар чиқариб, Никодимга папирос тутди-ю, гўё ҳеч гап бўлмагандай деди:
— Сизни кўрмаганимгаям анча бўлди-да, азизим пан Дизма...

Бундай муомалани сира кутмаган Дизма суҳбатдошига гумонсираб индамай қараб тураверди.
— Соғлиғингиз қалай? — дея давом этди бақалоқ. — Мен эса олти ҳафта дам олганимдан сўнг ўзимни жуда яхши ҳис этяпман. Ишонасизми, пан раис, нақ етти кило озибман. Дуруст, а?
— Ёмон эмас, — деди Дизма.
— Дам олиш-жуда яхши нарса-да! — Муҳит ўзгаради... Янги танишлар, янги таассурот, янгича ҳаёт...
— Сиз Жегестовда бўлдингизми? — дея сўради Никодим бирор нарса дейиш учун.
— Ҳа. Жуда маза қилдим-да. Меҳмонхонада рояль тинимсиз гумбурларди. Қўшни хонада бридж ўйини авжига чиққан бўлиб, аҳён-аҳёнда у ердан қиморбозларнинг гангур-гунгур гаплари қулоққа чалинарди. Терковскийнинг бўғиқ товуши худди кўксини ёпиб турган оппоқ манишкаси остидан эшитилаётгандек туюларди. Унинг балиқникига ўхшаш митти кўзлари ёғ босган қовоқлари орасида хирагина милтирар, семиз ва калта бармоқлари эса қаҳрабо мундштугини аста силаб турарди.

«Бу иблисга нима керак ўзи?» — дея ўйларди боши қотиб колгаи Дизма.
— Биласизми, пан раис, — дея давом этди Терковский, — мен у ерда сизнииг эски танишингиз — нотариус Виндер билан танишиш шарафига муяссар бўлдим. Жуда дилкаш одам экан.

Терковский Дизмага синчковлик билан тикилганича жимиб қолди.

Унинг гапини яхши эшитолмай қолган Никодим қайга сўради:
— Нима дедингиз?
— Сизнинг эски танишингизни учратиб қолдим, деяпман.

Никодим тишини тишига босди.
— Ким экан у?
— Пан Виндер. Жуда дилкаш одам экан!
— Кимни? Виндерни дейсизми?.. Эслолмаяпман.

Никодим жон-жаҳди билан Терковскийнинг кўзига тикилди.
— Нотариус Виндерни наҳот эслолмасангиз?!
— Нотариус?.. Йўқ. Эслолмаяпман.

Терковский истеҳзо билан кулиб юборди.
— У эса сизни жуда яхши эсларкан. Биз у билан бир купеда келдик: бу ажойиб чол менга сиз тўғрингизда, Лисков ҳақида жуда кўп нарсаларни айтиб берди.

Дизманинг кўз ўнги қоронғилашиб кетди. Тамом бўлиш деб шуни айтишса керак-да? Ҳалокат деганлари шу эмасми ахир: уни фош қилишди. Никодим чўнтагига тиққан қўлларини қаттиқ мушт қилиб тукканидан қўли оғриб кетди. У бир зум Терковскийга ташланиб, тиржайиб турган башараси кўкариб кетгунга қадар семиз бўйнидан бўғсаммикин, деб ҳам ўйланиб қолди. Никодим ичида ҳужумга шайланиб, мушакларини қаттиқ қисди.
— Кечирасиз, — деди шу пайт ёнидан ўта туриб, унга тегиб кетган бир нотаниш хоним.

Бу ҳол Никодимни ҳушига келтирди.
— Қанақа Лисков? Сиз нималар деяпсиз ўзи?

Терковский елкасини қисиб қўйди.
— Бўлмаган гап! Ҳеч қандай Виндерни танимайман!

Терковский қошларини чимириб, хотиржамлик билан папирос кулини чертиб туширди.
— Ҳа, албатта, балки, бу англашилмовчиликдир.
— Англашилмовчилик... — дея такрорлади Дизма.
— Дарвоқе, биз тез кунда буни аниқлаймиз. Нотариус Виндер келаси ҳафтада Варшавага келади. Мен уни уйимга таклиф қилдим. У жуда дилкаш одам экан. У сиз билан фамилиядош бўлган бирор одам ҳақида гапирган бўлса ҳам ажаб эмас. Эҳтимол, ўша одам қариндошингиз бўлиб ҳам чиқар... Хе-хе-хе.....

Дизма жавоб беришга улгурмади. Меҳмонхонадаги концерт тугаб, гулдурос қарсаклар остида кабинетга меҳмонлар ёпирилиб киришди.

Бутун кеча давомида Никодим худди нинанинг устида ўтиргандай бўлди. Ниҳоят, соат ўн иккига яқин у, сездирмай жуфтакни ростлаб қолди.

Шивалаб ёмғир ёғмоқда эди. Дизма пальтосининг тугмаларини қадамай уйи томон сургалиб борарди. У уйига етиб келгач, ечинмасдан ҳам ўзини диванга ташлади.

Ҳаммаси равшан.

Энди унинг тақдири Терковскийнинг қўлида, Терковский кечирмайди. Кек сақлаб юрган экан, аблаҳ! У Бочек эмас сизга!

Никодим бир сесканиб тушди.

У ўрнидан туриб, чироқни ёқди-да, пальтоси, шляпа ва фрагини ечиб, хонада у ёқдан-бу ёққа юра бошлади. Унинг миясини бири биридан мудҳишроқ фикрлар чулғаб, пешанасини совуқ тер босди.

«Виндерни гумдон қилсам-чи... Балки эплаш мумкиндир... Хўш, у ёғи нима бўлади?..»

Терковский Лисков ҳақида билиб олган экан, энди ундан қутулиб бўлмайди. Агар Виндер ғойиб бўлса — Терковский бу кимнинг иши эканлигини дарҳол фаҳмлайди... Ишдан ҳайдасалар ҳам майли-я, қамоққа тиқишади...

«Ялинсаммикин?.. Барибир фойдаси тегмайди».

Никодим Терковскийнинг қандай одам эканлигини жуда яхши биларди.

Мияси тинмай ғувилларди. Дизма кечаси билан мижжа қоқмай чиқди. У ёлғизлик ва заифликдан азоб чекарди. Буни ҳатто Кшепицкийга ҳам айтиб бўлмасди... Хўш, нима қилиш керак?.. Нима қилсайкин?..

У нонуштага қўл ҳам урмай, Игнатийга банкага қўнғироқ қилиб, бетоблиги туфайли ишга боролмаслигини айтиб қўйишни буюрди. Бироқ орадан ярим соат ўтмасданоқ хато қилганини англади: унинг бирдан бетоб бўлиб қолгани ҳақидаги гап Терковскийнинг қулоғига етиб бориши мумкин эди. Дизманинг ғазаби қайнаб кетди. У ҳеч гапдан ҳеч гап йўқ Игнатийга ўшқирди-да, банкага жўнади. У ерда атайлаб барча бўлимларни айланиб чиқди. Вандришевскийнинг олдига кирди ва гарчи кеча ўзи уч кун муҳлат берган бўлса-да, баланс тайёр бўлмагани учун директорни койиди. Сўнг Кшепицкийга «салом», дея тўнғиллаганича кабинетга кириб, ичидан қулфлаб олди.

Дизмага фақат, Терковский ўз шубҳасини биронта одамга айтдими, йўқми, деган фикр азоб берарди. Ниҳоят, Никодим, у маккор юрагидагини дуч келган одамга айтавермайди, дегаи қарорга келди. У нима қиларкин? Ҳар қандай Дизмани ҳам, Яшунскийни ҳам, Пильхенни ҳам расволарини чиқариб ҳайдатишга уринса керак...

Фақат биттагина йўли қолган бўлиб, дарҳол истеъфога чиқиш ва Кобороводаги сандиқда ётган пулларии ўмариб, чет эл паспортини олиш ҳамда Виндер Варшавага қелмасдан бурун жуфтакни ростлаб қолиш лозим. Нинага уйланиш ҳақида гапирмаса ҳам бўларди. Куницкийни эса, кейин шикоят қилиб юрмаслиги учун, қамоқдан чиқариб юбориш ва у билан бир амаллаб келишиб олиш керак.
— Ҳе, жин урсин!

Телефбн жиринглаб қолди. Кшепицкий аллақандай бир хоним билан графиня Конецпольская келганини хабар қилди. Хонимлар уни албатта кўришмоқчи эмиш.
— Уларга бетоб эканлигимни айтинг.
— Айтдим, — деди жавобан Кшепицкий, — лекин, пан раисга маълум қилинг, деб гапимга кўнишмаяпти. Айтишларича, сиз уларни албатта қабул қилармишсиз. Никодим қовоғидан қор ёғиб эшикни очди. — Марҳамат, — дея хонимларни қуруққина таклиф қилди у.

Конецпольекая ёнидаги хоним жодугарсифат Стелла экан.

Уни кўриб Дизманинг зардаси қайнаб кетди.

Хонимлар ташвишланиб уиинг соғлиғини суриштиришди ва докторларни тавсия қила бошлашди., Ниҳоят, мақсадга кўчиб, устознинг бетоблиги ложа маросимини бажариш учун ҳалал бермаслигига умид билдиришди. Эртага навбатдаги маросим экан. Афсуски, Конецпольскаянинг эри ҳозир уйида экан, шу боисдан ҳам мистерия ўтказиш учун Буюк Ўнучинчининг квартирасидан бўлак жой қолмабди.

Бу гапдан Дизманинг жони ҳиқилдоғига келди.
— Мени тинч қўйинглар. Ҳозир бу нарса кўнглимга сиғмайди.
— Эртага қадар тузалиб кетасиз, — дедя Стелла эътирозга ўрин қолдирмайдиган оҳангда. — Учрангли Юлдуз томонидан юкланган вазифа албатта бажарилмоғи лозим.
— Тузаламан, тузаламан... — деди чап беришга уриниб Дизма. — Мен соппа-соғман, лекин ҳозир бу ишларга вақтим йўқ. Зиммамда муҳим ишлар бор.

Орага жимлик тушди. Никодим дераза томон ўги-рилди.
— Устоз, — дея астагина сўради Конецпольская, — бирор кўнгилсизлик бўлдими?

Никодим истеҳзо билан кулиб юборди.
— Кўнгилсизлик ҳам гапми. Шундай аблаҳлар борки, иложи бўлса, бошингга чиқиб ўтириб олсам дейди...
— Устоз, сиз ҳар қандай одамнинг ҳам танобини тортиб қўя оласиз, — деди ишонч билан Стелла.

Никодим унга узоқ тикилиб турди.
— Ҳар қандай одамни ҳам эмас. Шундайлар ҳам борки, тўнғиз каби сенга чоҳ қазийди, қутурган итдек акиллайди... Номингни булғашга, дунёни кўзингга қоронғи қилишга ҳаракат қилади...

Стелланинг кўзлари қисилиб кетди.
— Ким экан ўша одам?

Дизма фақат қўл силтаб қўя қолди.
— Айт, устоз, сенга чоҳ қазиётган ким ўзи?
— Ҳожати бормикин...
— Айтиш керак, — дея бижиллади Конецпольская, — балки, бизникига биронта йўл, биронта чора ўйлаб топар.
— Учрангли Юлдуз ордени жуда қудратли, — деди жиддий оҳангда Стелла.

Никодим бўйнини қисди-да, бехосдан:
— Терковский, — деб юборди.

Ҳайратдан иккала хонимнинг оғзи очилиб қолди, Дизма ичида сўкиниб қўйди. Бу хотинларга айтиб нима қиларди? Аҳмоқ!

Стелла ўрнидан турди-да, вазмин қадам ташлаганича Никодимга яқинлашди.
— Устоз! Сен буюришга ҳақлисан. Бу одам ҳалок бўлиши керакми? — Дизма алланечук бўлиб кетди: бу хотинлар ақлдан озишибди!
— Устоз! — дея давом этди Стелла. — Бу одам абадий йўқ бўлсинми ёки вақтинча йўқолсинми? Буюр!

Никодим кулиб юборди. Бу гап унга ёш болаларга хос тентаклик бўлиб туюлди. Руҳонийга ўхшайдиган бу калта оёқ маймун Терковский каби нуфузли бир одамни нимаям қила оларди? Лекин шу заҳоти у Виндернинг келишига жуда оз вақт қолганини эслади. Шундан сўнг ҳаммаси тамом бўлади. Терковский Виндер билан гапни бир жойга қўяди-ю, кейин... Қани энди шундай қилинсаки, ўша пайтда Терковский Варшавада бўлмаса.
— Терковскийни Африкага жўнатиб, у ерда дарахтга боғлаб қўйинг ёки, умуман, жаҳаннамга жўнатинг? — деди алам билан Дизма.
— Қачон? — дея қатъий оҳангда сўради Стелла.
— Шу бугун бўлса ҳам майли... Ҳа-ҳа-ҳа!.. Бу дейман, жуда қувноқ аёл экансиз-ку! Бўпти, чўпчак айтишни йиғиштирайлик. Хўш, мистерияни нима қиламиз?

Хонимлар маросим белгиланган муддатда амалга оширилишини қатъиян талаб этишди ва бундан бўйин товлайдиган одамнинг бирор фалокатга учраши муқаррар эканлигини шама қилишди. Бундан қўрқиб кетган Дизма дарҳол таслим бўла қолди ва Учрангли Юлдуз ложасининг иккинчи йиғинини ўз уйида ўтказишга розилик билдирди.

Кечқурун у кўнгил очиш учун Вареда билан «Воҳа»га борди ва уйига қайтгач, тош қотиб ухлаб қолди.

Эрталаб Стелла билан Ляля етиб келиб, Дизма уларнинг ихтиёрига бериб қўйган квартирани батамом остин-устун қилиб ташлашди. Дизма мистерияни конспирация қонунларига амал қилиб ўтказишга қарор қилди ва муҳтарам Игнатийга дам олиш учун уч кунга жавоб бериб юборди. Шу боисдан ҳам мебелларни у ёқдан-бу ёққа суриш, гиламларни бир хонадан иккинчи хонага ташиш каби барча оғир ишлар унинг зиммасига тушди. Бир ҳисобга Никодим бу ишдан хурсанд ҳам бўлди — анови Терковский тўғрисида, Виндернинг Варшавага кёлиши билан боғлиқ.бўлган хавф-хатарни ўйлашга вақти йўқ эди.

Хонимлар, чамаси, унутишган бўлишса керак, Терковскийни ортиқ эсга солишмаётганди.

«Унутишган бўлишса жуда яхши, — дея ўйларди Дизма. — Кеча уларга бекор айтдим ўзи».

Никодим жон-жаҳди билан мебелларни у ёқдан-бу ёққа сурар ва хонадан хонага гилам таширди.

Кечга томон у шу қадар чарчадики, ётоқхонага кириб, ичидан қулфлаб олса жон-жои дерди. Аммо қаёқ-да! Ётоқхона ҳам, бошқа уч хона ҳам, ванка бўлмаси ҳам «роҳибалар» учун мўлжаллаб қўйилганди.

Соат ўн бирда даҳшатли фалокат содир бўлди Хонимлардан бири сўнгги дақиқада эри келиб қолгаии туфайли мистерияга келолмасдиғини хабар қилди. Уставга биноан маросимда албатта ўн икки «раҳиба» иштирок этиши лозим эди. Хонимлар ўзларини қўярга жой тополмай қолдилар.

Никодим дарҳол мистерияни келаси ҳафтага қолдиришни таклиф қилган эди, бироқ Стелла ғазаб билан, бундай қилиш уставни бузиш билан баробарлиги ва ўзи бунга сира ҳам йўл қўя олмаслигини айтди. Қийин аҳволдан чиқиш чорасини топиш керак эди. Кутилмаганда хонимлардан бири — баронесса Вельберг чора топди: у бир кечага ёллаш мумкин бўлган битта қизни танир эмиш, қизга ишонса бўлармиш, у жуда ажойиб қиз бўлиб, варьетелардан бирида «Girl» экан; баронессанинг ишонтиришича, кичкина Владага ҳар қандай сирни ишониш мумкин эмиш.

Бўлак чора қолмаган эди. Кичкина Владани таклиф қилишга жазм этишди. Шу заҳоти унга телефон қилишди. Аввалига қиз бугун дансингда учрашиши лозим бўлган рашкчи жазманини рўкач қилиб, мистерияга келишдан бош тортди. Бироқ кейин юз злотийлик кредит билетининг дарагини эшитиб, рози бўлди.

Шундан сўнг мистерия барча қоидаларга амал қилинган ҳолда, қоқ ярим кечада бошланди.

Соат бирда, иблис чақирилаётган пайтда кичкина кўнгилсизлик содир бўлди: ҳушидан кетаёзган Влада йиғлаб юборди ва уйимга кетаман, дея хархаша қила бошлади. Уни аранг тўхтатишди. Қиз пейотл қўшилган винодан ичгач, анча тинчиб қолди.

Соат иккида раис Никодим Дизманинг меҳмонхонаси бутунлай ағдар-тўнтар бўлиб кетди. Шу тобда у таниқли давлат арбобининг меҳмонхонасига сира ҳам ўхшамай қолганди. У кўпроқ дудхона ёки қадимги Римдаги буғхоналарга ўхшарди .

Мистерия қатнашчилари хоналарга тарқалишганида дарпарда четидаги тирқишдан декабрь тонгииинг илк нурлари эндигина мўралай бошлаган эди. Жанг майдонида фақат Буюк Ўнучинчи қолди. У деворга суяниб ўтирганича шундай хуррак отардики, дераза ойналари қимирларди.

Никодим вақт пешиндан оғганида уйғонди. Унинг азбаройи силласи қуриганидан мияси ғувулларди.

У ўрнидан туриб кийинди-да, бориб ётоқхонага назар ташлади. «Роҳибалар» уйғона бошлашган эди. Ваннахона тиқилинч эди. Хонимлар Никодим билан бирин-кетин хайрлашиб, оёқларини аранг сургашганича, уй-уйларига тарқалиша бошлашди.

Ниҳоят, Дизма ёлғиз ўзи қолди. У барча ойналарни очиб ташлади ва зўр-базўр қимирлаб, квартирани тартибга солмоқчи бўлди.

У пианинони жойиға суриб қўймоқчи бўлиб турганида кўча эшикнинг қўнғироғи жиринглаб, Кшепицкий кириб келди.
— Эҳе, пан Никодим! — деди у кулиб. — Бу ерда роса базми жамшид бўлганга ўхшайди-ку.

Куницкий қамоққа олинганидан сўнг у ўз бошлиғи билан жуда апоқ-чапоқ бўлиб кетганидан уни номини атаб чақира бошлаган эди.
— Ҳе, ер ютсин ўша мочағарларни! — дея тўнғиллади қовоғини солиб Дизма.
— Бу дейман, рангингизда ранг қолмабди-ку! — деди ажабланиб Кшепицкий. — Бунақа ишларни яхши кўришингизни билмаган эканман.
— Падарига лаънат бу ишнинг!
— Демак, ҳирсни ўлдириш учун шундай қилибсиз-да?
— Бўлди, мунча тирғилмасангиз, жин урсин сизни! — деди зардаси қайнаб Дизма. — Ундан кўра ёрдамлашиб юборинг.
— Нега ўзингиз ишлаяпсиз? Игнатий қаёққа кетди? Дизма жавоб бериш ўрнига пишқириб ишлайверди. Ниҳоят, у бир сўкиниб қўйди-да, ўзини диванга ташлади.

Кшепицкий папирос тутатди.
— Тўғри Рейхнинг олдидан келяпман.
— Хўш?
— Куник ннҳоят шаштидан тушибди. Совуқ, қоронғи камерада ётиб, таъзирини ебди. Лекин у хотини билан юзлаштиришларини талаб қилган эмиш. Рейх унга Нинанинг сизга ёзган сўнгги хатини кўрсатгандан кейингина тинчибди. Юз минг злотийга рози эмиш, фақат анови сирини фош этувчи ҳужжатларни қайтиб беришни шарт қилиб қўяётганмиш.
— Хўш, Рейх нима деяпти?
— Рейх бундай шартга кўнадиган аҳмоқлардан эмас, у ўша ҳужжатларни жиноий қидирув архивида эмас, шахсан ўз уйида сақлашни ваъда қилибди, холос.
— Куницкий рози бўлибдими, ишқилиб?
— Ўйлаб кўриш учун яна бир кун муҳлат олибди. Қўрқманг. Албатта рози бўлади.

Кшепицкий ўрнидан туриб, папиросидаги кулни чертиб туширди-да, қўшиб қўйди:
— Сиз эса, ўз навбатингизда, Нинага эрининг озод қилиб, ўз хоҳиши билан чет элга жўнаётганини хабар қилиб қўйишингиз керак. Ҳм... Унга ҳатто, чол бор пулининг ярмини олиб кетаётибди, деб ёзишингиз ҳам майли. Шундан сўнг унинг кўнгли жойига тушади.
— Ҳа, бир оз алдаб қўйсак ёмон бўлмайди, — дея гап қотди Дизма бир оз хаёл суриб тургач. — Лекин, мен хат ёзмаган маъқул. Хат биронта одамнинг қўлига тушиб қолиши мумкин ёки...

Бирдан у Терковскийни эслаб, яна сесканиб тушди. Йўқ, йўқ... У бу ҳақда ўйлаб ўтирмайди. Бўлганича бўлди. Энг муҳими — ўйламаслик керак... Фақат ҳозир эмас... Коборово... Жўнаш керак."

Никодимнинг қўлини қимирлатишга ҳам мажоли қолмаган эди. Оғриқнинг зўридан унинг башараси бужмайиб кетди.
— Фақат бугун эмас, — у айта олган гап ана шу бўлди.

Чиндан ҳам Дизманинг силласи жуда қуриган эди. У ҳатто ўқтин-ўқтин жиринглаб турган телефон олдига ҳам бормай, кун бўйи диванда қимир этмай ётди.

Никодим фақат Учрангли Юлдуз ложасидан қандай қилиб осонроқ қутулиш чорасини ўйларди. Кишининг силласини қуритадиган бу базми жамшиддан сўнг унинг Буюк Ўнучинчилик вазифасидан бутунлай ҳафсаласи пир бўлгаи эди.

Ана шу ложа туфайли у киборлар доирасига мансуб хонимлар билан яқиндан танишиб олганди; уларнинг эшиги энди Никодим учун доим очиқ эди. Агар у энди Учрангли Юлдуз орденидан бир амаллаб қутулиб олса, барибир у ерда орттирган танишларининг фойдаси тегаверади.

Лекин қандай қилиб қутулса экан? Ҳар қандай мушкул ишнинг ҳам чорасини топа оладиган Кшепицкийга маслаҳат солсамикин? Аммо бундай қилишга Дизманинг юраги дов бермади. У ҳали ложа сирини ошкор қилган ҳар бир одам ўлимга ҳукм этилиши мумкинлигини унутмаган эди.

Узоқ бош қотирганидан сўнг Дизма бу эсини еган хотинларга, тушимда иблисни кўрдим, у менга бундан буён Ўнучинчи бўлишни тақиқлаб қўйди, десаммикин, деб ўйлаб қолди. Мен унга ёқмас эмишман, шу боисдан ҳам у мистерияларда мен қатнашар эканман, ортиқ қорасини кўрсатмас эмиш, дейман... Дизма эртагаёқ графиня Конецпольскаянинг олдига бориб, шуни айтиб қўйишни аҳд қилди.

Улар билан энди биронта бошқа одам азоб чексин.

Никодим жилмайиб қўйди. У Варедани эслаган эди.
— Уларга Варедани рўбарў қилиб қўяман! Иблис фақат Вареданй талаб қилди, — деб айтаман.

Игнатий дастурхонга кечки овқатни, қўйиб, янги газеталарни келтирди. Дизма газеталарни жаҳл билан бир четга суриб қўйди-да, овқатлана бошлади. Шу пайт телефон жиринглаб қолди.

Вареда қўнғироқ қилган экан. У Никодимдан сўради.
— Ўқидингми?
— Нимани?
— «Нимани» дейсан-а? Ўзингни гўллика солаверма кўп! Худди билмагандай гапирасан-а?!
— Айта қолсанг-чи, нима гап ўзи?
— Терковскийнинг жўнаб кетаётганидан хабаринг йўқми?

Дизма турган жойида қотиб қолди.
— Нима... Нима дединг?
— Янги вазифага тайинланиб, бугун кечқурун элчи сифатида Пекинга жўнаётганини айтяпман. Кечқурунги газеталарни ўқимовдингми?

У яна алланималар деди, бироқ Никодим қулоқ солмай қўйган эди. У трубкани жойига ташлаб емакхонага югуриб кирди-да, газеталарни очди.

Чиндан ҳам барча газеталарда Хитойда ҳукумат барқарорлашгани сабабли бош министр кабинетининг бошлиғи, статс-секретарь ёрдамчиси Ян Терковский элчи ҳамда Хитой ҳукуматининг мухтор министри қилиб тайинлангани муносабати билан унинг бугун Пекинга жўнаб кетаётгани хабар қилинган эди. Дизма газеталарни стол устига ташлади. Унинг юраги гуппилаб урмоқда эди.

У ўрнидан сапчиб турди-да:
— Ура! Ура! Ура! — дея бақирди.

Игнатий югуриб келиб, ажабланганича эшик олдида тўхтаб қолди.
— Мени чақирдингизми?
— Игнатий! Ароқ келтир! Бу ишни ювиш керак!

Хизматкор графин келтириб қадаҳга ароқ қуйди. Бошқасига ҳам қуй! — дея қичқирди Дизма. — Йўқолсин итваччалар!

Дизма кетма-кет тўрт қадаҳни бўшатди-да, стулга ўтирди.
— Биласанми, Игнатий?
— Эшитаман.
— Кимки менинг, яъни Никодим Дизманинг йўлига тўғаноқ бўлса, расвоси чиқади. Тушундингми?

Дизма яна бир қадаҳни бўшатиб, очиқ турган эшикнинг чироғи ўчириб қўйилган кабинетга қаради: қоронғиликдан унга қандайдир уккиникига ўхшаган кўзлар ақрайиб қараб тургандек туюлди. Никодим бир тупурди-да, чўқиниб қўйди.
— Қани, қуй, ичамиз, Игнатий!

У ўрнига ётганида вақт ярим тундан оғиб қолган эди. Шунда Дизма хизматкорига қараб деди:
— Биласанми, Игнатий, бу хотинлар бутун дунёни ағдар-тўнтар қилиб юборишлари мумкин, инс-жинслар ҳамроҳ экан уларга...
— Бу гапингиз тўғри, — дея тасдиқлади Игнатий.

16-боб

Сешанба куни Никодим билан Кшепицкий никоҳни бекор қилиш масалалари бўйича мутахассис адвокат Пицунскийнинғ олдига боришди, чоршанба куни эса катта комиссар Рейх билан охирги марта учрашиб унга юз минг злотий топширишди.

Пайшанба куни катта вокзалдан қарама-қарши томонга қараб иккн поезда йўлга чиқди. Уларнинг бирида мункайган бир чол қалт-қалт титраб ўтирарди. Бошқасида эса давлат ғалла банкасининг раиси йўлга чиққан эди. Уни дўстлари шод-хуррамлик билан кузатиб қўйишганди.

Очиғини айтганда, чол ёлғиз эмасди. Купеда унинг қаршисида икки юзи қип-қизил норғул бир жаноб ўтирарди. Жаноб ўнг қўлини пальтосининг чўнтагига тиқиб олганди, бу ўринда унинг бундай-ўтириши заруратдан кўра, кўпроқ одат бўлиб қолганидан эди.

Варшава — Берлин поезди биринчи бўлиб йўлга чиқди. Тахминан ўн минутлардан сўнг Белосток — Гродно томон юрадиган иккинчи поезд жойидан жилди.

Вагон зинасидан сакраб тушган охирги одам Кшепицкий эди. У бошлиғига жиноий қидирув бўлимида Куницкий билан қилган суҳбати ҳақида қисқача ҳисобот берди. Кшепицкий Дизмага Куницкийнинг тақдирига тан бериб, ортиқ тўсқинлик қилмаганини хабар қилди. Чол ҳатто Коборово ишларининг баъзи томонларини тушунтириб, янги бошқарувчининг мушкулини анча осон қилибди. Никодим Дизма эса янги бошқарувчи қилиб худди шу Кшепицкийнинг ўзини тайинлаганди.

Дизма хурсанд эди.

У бўм-бўш купеда ўрнашиб олиб, бундан буён ўзи қанақа куёв бўлиши ҳақида хаёл сура бошлади.

Турган гап, энди у банкадан воз кечиши керак эди. Энди у банкани бошига урадими? Кобороводан олинадиган улкан даромад бирор аҳмоқона гапни валдираб қўйишдан чўчимай тинчгина яшаш имконияти — буларнинг бари банкадан воз кечишни тақозо этарди.

Ёлғиз ўзи Коборово хўжалигини эплай олмаслигини Никодим яхши биларди, албатта.

Бахтига, унинг ёнида ҳар қандай ишни дўндириб бажарадиган Кшепицкий бор эди. Дизма пул масаласида секретарга жуда ҳам ишониб бўлмаслигини тушунарди, бироқ бошқа жиҳатдан олганда, Кшепйцкий шундай сердаромад жойда эгрилик қилиши эҳтимолдан узоқ эди.

Ташқарида қалин қор билан қопланган кенг водий ёстаниб ётарди.

Никодим Терковскийни эслади-да, тишларини ғижирлатиб қўйди. У ложада иштирок қилувчи хонимлар туфайлигина Терковскийдан халос бўлгани шубҳасиз эди. Хонимлар қандай ҳаракат қилишгани, кимларни ишга солишганини у билмасди, билишни истамасди ҳам. Илгари Никодим улардан иблис билан муомалада бўлганлари учун чўчирди. Энди эса у баттар қўрқиб қолди. Тириклар инс-жинслардан ҳам хавфлироқ бўлишади. Шунинг учун ҳам ложадан тезроқ қутулиб олиш ҳақидаги аҳдида қаттиқ туришга қарор қилди. Турган гап, у кейин ҳам бу хонимлар билан алоқасини узмайди, лекин ложадаги ўрнига Варедани ўтказиб қўйгани маъқул.

Дизма Ляля билан Стелла «иблис иродаси» ҳақидаги гапни эшитгач, қандай довдираб қолишганини эслаб, кулиб юборди. Полковник тоза жазосини тортадиган бўлди-да...

Темир йўлнинг икки чети ўрмон эди.

Кеч кирди, туман тушганди. Ғилдираклар тақа-туқ қилиб Коборово стрелкаларидан ўта бошлашди. Перронда темир йўл хизматчиси билан Нинадан бўлак ҳеч ким кўринмасди. Вагон деразасидан Дизмани кўриб қолган жувоннинг чеҳраси табассумдан ёришиб кетди.

У сўрашиш учун қўлини чўзди, Никодим чамадонини қор устига қўйди.

«Хайрият, худога шукур!..»

Улар бўм-бўш вокзалдан ўтиб, автомобилга ўтиришди.

Мотор стартернинг вағиллашидан жонланиб, ғилдираклар сарғанчиқ қорда чир этиб айланди-ю, машина ўрнидан қўзғалди.
— Айтчи... айт-чи... У... у... дарров рози бўлдими?

Нинанинг товушидан безовта эканлиги сезилиб турарди.

Дизма кулиб юборди.
— Мажбур бўлди.
— «Мажбур бўлди» деганинг нимаси? — қўрқа-писа гапирди Нина.
— Ниночка, — дея тушунтирди Никодим, — муҳаббат ҳамма нарсани енгишга қодир, деб ўзинг айтган эдинг-ку ахир.

Машина тахта тилиш заводи ёнидан ўтар экан, у ердаги чироқлар лоп этиб ёнди. Йўл четида турган бир неча киши шапкаларини олиб таъзим қилишди.
— Хўш, энди... энди у нима қилмоқчи?
— Буниси билан бизнинг ишимиз йўқ, — дея елкасини қисди Никодим. — Банкадаги бор пулларини олиб кетди. Коборово қанча турса, деярли шунча пул бор экан. Очликдан ўлмайди.
— Чет-элга жўнадими?
— Ҳа.
— Қайтиб келмайдими энди?
— Бу ҳақда гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Бу ёғига мен кафилман.

Нина ўйланиб қолди.
— У шундай қилишга мажбур бўлди, дединг, Нико. Бунинг бирор... алоҳида сабаби йўқми, ишқилиб?
— Нега ташвишланяпсан, Ниночка? Масала ҳал бўлди — вассалом. У ёғи билан нима ишинг бор?
— Ахир у менинг эрим эди...
— Мен эса, эринг эмасди, дейман.

Нина ажабланди.
— Қанақасига эрим бўлмас экан?

Дизма никоҳни бекор қилиш тартибини қўлидан келганича тушунтирди-да, адвокатнинг далилларини такрорлади.
— Агар бирор ишкал чиқиб қолмаса, икки ойдан сўнг панна Понимирская бўлиб оласан, уч ойдан кейин, мабодо аҳдингдан қайтмасанг, менинг хотиним бўласан.

Нина индамай ўтираверди.

Дизма буни кўриб ташвишга тушди. Бирдан айниб қолса-я?.. Балки энди ўзини эркин ҳис этгач, келажак тақдирини у билан боғлашни истамай қолар?
— Нега индамаяпсан, Ниночка, жонгинам? — дея сўради Никодим қўлидан келганича мулойимлик билан.
— Э, шунчаки ўзим, — деди ҳушига келиб Нина. — Ўша воқеани ўйлаб қолдим. Энди буни ўйламаслик керак, тўғрйми?.. Ўтди-кетди... Пешанада бор экан-да...

У Никодимнинг пинжига тиқилди.
— Ҳаёт шунақа ўзи, — деди ишонч билан Дизма,
— Мен ҳаётдан қўрқаман. У жуда даҳшатли.
— Мен эса қўрқмайман.
— Биламан. Чунки сен кучлисан, жуда кучлисан...

Кобороводаги уйнинг ҳамма деразалари чароғон бўлиб турарди. Нина сўнгги пайтларда қоронғиликдан қўрқадиган бўлиб қолганини ва шу боисдан барча чироқларни ёқиб қўйишни буюрганини айтди.

Вестибюлда ҳамма хизматкорлар тўпланиб туришган экан. Улар ҳали бирор нарсани аниқ билишмаса-да, бироқ Варшавадан ёлғиз қайтиб келган шофёрнинг узуқ-юлуқ ҳикоясидан ўзларича хулоса чиқариб қўйишганди. Илгари сира ҳам бировни кутиб олмайдиган беканинг станцняга бориши ҳам уларнинг бу фикрини тасдиқлаб турарди. Хизматкорлар қандайдир воқеа содир бўлаётганини сезиб қолишганди... Нина буни интуциа деб атарди, Никодим эса ҳид билиш дерди.

Никодим оқсоч хотинга Куницкийнинг ётоқхонасига жой солиб беришни буюрганида аёл сира ҳам ажабланмади.

Нина Дизма Варшавага жўнаб кетгач, яна ёлғиз қолишдан нолий бошлади.
— Сен ҳам мен билан юра қол, Ниночка. Мен сени олиб кетаман.
— Кошкийди бунинг иложи бўлса!.. — деди маъюс жилмайиб Нина.
— Нега иложи бўлмас экан?
— Ноқулай ахир. Наҳот буни тушунмасанг? Шов-шув кўтарилади!
— Хўш, нима қилибди, — деди елкасини қисиб Никодим. — Шунданам қўрқиб ўтирамизми! Ахир биз никоҳдан ўтамиз-ку. Жуда бўлмаганда, меҳмонхонада яшашинг мумкин. Шунда ҳар куни кўришиб турамиз.

Нина чапак чалиб юборди.
— Яшасин! Топдим! Пшеленская холам. Холамникида тураман.
— Ана кўрдингми.
— Лекин Варшавада кўп туришни истамайман. Шаҳарни ёмон кўраман. Ҳамма жойдан ҳам ўзимни Коборовода яхши ҳис этаман. Биз доим Коборовода яшаймиз-а, Ник?
— Бўлмасам-чи, ўша Варшава ўзимниям жонимга теккан. Жуда тўйдим.
— Жуда меҳрибонсан-да! Юр, сени ўйлаган пайтларимда чалиб юрган нарсамни чалиб бераман.

Улар кичик меҳмонхонага ўтишди. Нина пианино қопқоғини очди.
— Сен ҳам чалишни биласанми?
— Фақат мандолина чаламан.
— Нина кулиб юборди.
— Ҳазиллашяпсан шекилли?
— Худо ҳаққи!
— Мандолина чалиш жуда кулгили кўринади.
— Нега энди?
— Билмайман, менимча, жуда кулгили бўлса керак. Банка раиси, давлат арбоби келиб-келиб мандолина чалиб ўтирса-я!
— Афсус, асбобни Варшавада қолдирдим-да. Бўлмасам сенга бир нарса чалиб берардим.

Нина уни ўпган эди, Никодим унга қўл чўзди. Бироқ жувон унинг қучоғидан сирғалиб чиқди-да, кула-кула пианино чала бошлади.
— Яхшими? — дея сўради у кўзларини юмиб.
— Жуда яхши. Жуда ажойиб. Унинг сўзлари қанақа?
— Сўзлари дейсанми? — дея ажабланди Нина. — Ҳа! Сен буни операдан деб ўйлаяпсанми? Йўқ. Бу соната. Биласанми кимники?
— Кимники экан?
— Чайковскийники.
— Шундай дегин. Чиройли куй экан. Унинг номи қанақа?
— Си-моль.
— Си-моль? Қизиқ. Нега си-малина эмас?

Ҳазилдан вақти чоғ бўлиб кетган Нина унинг бўйнидан қучди.
— Султоним бугун қувноқ кайфиятдалар шекилли? Топдим: мандолина ҳақидаги гап ҳам ҳазил эди, ёмон-той. Кичкина Ниночканг устидан ҳам шунақа куласанми. «Ниночка!» Биласанми, мени ҳеч ким бундай атамаган эди... Ниночка! Биласанми, бу унчалик чиройли эмасдир, лекин менга жуда ёқади. Қани, қайтар-чи...
— Ниночка, — деди Никодим ва ўзича: «Жин урсин, мандолина чалишимнинг нимаси ёмон экан?» — дея хаёлидан ўтказди.
— Ҳаммасидан ҳам шу сўзингни яхши кўраман. Сен исмимни шундай жиддий талаффуз қиласанки, товушингдан дадиллик... куч, ҳатто фармон ҳис этиш мумкин. Негалигини билмайману, лекин, менимча, бутун аъзойи баданларига туз, йод сингиб кетган денгизчиларнинг товуши шунақа бўлса керак.
— Йод дейсанми? Демак, денгизчилар баданларига йод суртишар экан-да?

Нина кулиб юборди.
— Чиндан ҳам бугун кайфиятинг ажойиб экан. Биласанми, сен ҳазил гап айтиш талантига эга экансан. Сен ҳазил гапни мутлақо жиддий оҳангда айтасан, бундан аскиянг янада кулгилироқ чиқади. Биз бирга бўлганимизда қандай бахтиёр эканлигимни билсанг эди! Ҳозир ич-ичимдан хурсанд бўлиб, ўзимни шундай енгил ҳис этяпманки, асти қўяверасан. Кичкина Ниночканг анчадан бери бугун биринчи марта ширингина ухлайди. Қайғули фикрлар ғойиб бўлади энди...

Никодим кўзларини қисиб деди:
— Бунинг ўрнига баъзи бошқа нарсалар пайдо бўлади.

Нина қизариб, унинг пинжига тиқилди.
— Йўқ, йўқ, — дея эътироз билдиришга уринди у. — Ниночка тепада ширингина ухлайди, Ник эса пастда ётади.
— Фойдаси йўқ. Илтимос, эътироз билдирилмасин. Бекорга баҳслашиб ўтирмайлик.
— Ник!..
— Гап тамом!.. Масала ҳал бўлган. Хизматкорлар кетган заҳоти менинг Ниночкам олдимга тушади.
— Тушмайди, — дея баҳслаша бошлади Нина.
— У ҳолда ўзим тепага чиқаман...
— Мана кўрасан, эшик қулфлоғлиқ бўлади, — деди кулиб жувон ва лабларини унинг юзига суйкади.
— Эшик? Мен учун эшик нима деган гап! Синдираман қўяман...
— Вой, паҳлавонгинам-ей! Қулоғингни тут, бир гап айтаман.

У лабларини Никодимнинг қулоғига яқинлаштириб, аста шивирлади.
— Ниночка ўз султонининг олдига тушди.
— Мана бу бошқа гап...

Улар ажралишиб, Дизма Куницкийнинг ётоқхонаси томон йўл олганида соат ўн бирдан ошган эди. Йўл-йўлакай у кабинет чироғини ёқиб, пўлат сандиқни очди. Токчаларда даста-даста пуллар қатор турарди. У дасталардан бирини олди-да, гўё оғирлигини аниқламоқчи бўлгандай, уни кафтида ирғитиб қўйди.
— Меники... Ҳаммаси меники. Пуллар, сандиқ, уй, фабрикалар... Миллионлар!

Никодим ечинар экан, бу бадавлат амлокда ишни нимадан бошлашини ўйлади.

У эртагаёқ бутун корхоналарни айланиб чиқишга ва хизматчиларни йиғиб, керакли кўрсатмалар беришга аҳд қилди. Дизма уларнинг олдида айтадиган гапларини ўйлай бошлади...

Шу пайт эшик ғижирлаб очилди-да, хонага Нина кириб келди.

Бу кеча Никодимга ухлаш насиб қилмади. Эрталаб соат еттида хизматкорлар хоналарни супуриб-сидира бошлаган эди, Нина уйнинг нариги қисмида яшайдиган хизматкорлар етиб келмасдан ётоқхонасига етиб олиш учун шошилиб чиқиб кетди.

Дизма папирос тутатиб, ёстиқларини тўғрилаб қўйди.

«Агар доим шунақа бўлаверса, мен узоққа бормайман».

У ухлашга уриниб кўрди, бироқ уйқуси келмади.
— Туриш керак, — дея тўнғиллади Никодим ва қўнғироқ тугмасини босди.

Югуриб келган хизматкорга у ванна ҳозирлашни ва чўчқа гўштидан қўшиб ўнта тухумдан қуймоқ пиширишни буюрди.
— Энг муҳими — ёғлироқ бўлсин.

Никодим кийиниб, емакхонага кирганида қуймоқ ҳали тайёр эмас экан. У хизматкорни койий кетди. Хизматкор, қуймоқ барибир совиб қоларди, деб ўзини оқламоқчи бўлган эди. Дизма ўшқириб берди.
— Ўчир овозингни, аҳмоқ. Агар ҳаммасини ўз вақтида қилганингда совиб қолмасди! Ваннадан чиққанимни кўрмадингми? Сен ярамасларни тартибга ўргатиб қўяман ҳали! Қуймоқни олиб келгин-да, отни эгарлашни буюр... Тўхта! Яхшиси, чана қўша қолишсин.
— Хўп бўлади, пан жаноби олийлари. Нонуштадан сўнг Дизма икки от қўшилган бежиримгина чанага ўтирди-да, қоғоз фабрикасига ҳайдашни буюрди. Фабрика идорасида у хизматчиларнинг чой ичиб ўтирганини кўриб, тутақиб кетди.
— Бу ер нима ўзи, жин урсин! — дея бақирди у. — Фабриками ё қовоқхонами?

Хизматчилар сапчиб ўрниларидан туришди.
— Нима қилиқ бу! Бу ерда овқатланганингиз учун ҳақ оласизларми? Хат ташувчи қани?
— Бу ердаман, пан раис.
— Ҳозироқ стаканларни йўқот! Бундан кейин идорада чой ичганингизни кўрмай. Овқатни уйларингизда ейсизлар. Тушундингларми?

Дизма идорадан ўтиб, директор кабинетининг эшигини очди. Кабинетда ҳеч ким йўқ эди.
— Директор қани?
— Пан директор тўққизда келадилар, — ҳаяжондан товуши титраб тушунтирди хизматчилардан бири.
— Нима-а?.. Тўққизда дейсанми? Текинхўрлар, итваччалар!

Никодим фабрикани кўздан кечириб чиқди. Цехда иш авжида эди. Ишчилар Дизма билан одатдагидай бош ирғаб саломлашишди. Уларнинг бу саломида ҳадиксираш, шубҳа ва ўз қадрини билиш — хуллас, пролетарий корхона эгасини кўрганида дилида пайдо бўладиган барча туйғулар намоён бўлган эди.

Ёшгина инженер Дизманинг олдига югуриб келиб, эҳтиром билан салом берди.
— Хўш, ишлар қалай? — дея сўради Никодим. — Ҳаммаси жойидами?
— Ҳаммаси жойида, пан раис.
— Директорингизга айтиб қўйинг, бундан буён ншга соат еттида келсин. Бошлиқ қўл остидаги одамларга ибрат бўлмоғи керак.

У инженернинг қўлини қисди-да, фабрикадан жўнаб кстди.

Тегирмон, тахта тилиш корхонаси, отхона, чорва фермаси, ароқ заводи — буларнинг барини Дизма пешинга қадар айланиб чиқди. У Кобороводан худди тўфондай ҳамма ёққа ваҳима солиб ўтди.

Уйга яқинлашар экан, Никодим деразадан Нинани кўриб қолди. Нина унга қараб табассум қилганича иккала қўлини силкиб турарди. У эгнидаги халатни ечмасданоқ вестибюлга қараб тушди.
— Шу тобда султоним қаёқдан келяптилар? — дея сўради у оҳиста — қўшни хонада хизматкор столга дастурхон ёзмоқда эди.
— Корхоналарни кўздан кечириб чиқдим.
— Хўш, қалай?
— Ялқовлар кўп экан. Ҳечқиси йўқ, энди ҳаммасини гаҳ деса қўлга қўнадиган қилиб қўяман.
— Жоним, сенинг хўжалик билан шуғулланишингни истамайман. Тўйимиздан сўнг бошқарувчи ёллашинг ксрак. Ахир ўзинг ўйлаб кўр: иш бутун вақтингни олиб қўяди! Куни билан уйда бўлмайсан. Мен эса ёлғиз ўтиришни истамайман. Хўп дегин, Ник, бошқарувчи ёллайсан-а?
— Аллақачон ёллаб қўйганман, — дея кулиб жавоб берди Никодим.
— Ростдан-а?
— Бўлмасам-чи.
— Шундайми? Жуда яхши қилибсан.
— Бир неча ой Варшавада турадиган бўлганимиздан кейин хўжаликка кимдир қараб туриши керак-ку ахир. Бўлмаса, бутун Коборовони талон-торож қилиб юборишади.
— Султоним кимни таклиф қилди?
— Кшепицкий деган бир одамни. Сен уни танийсан шекилли?
— Кимни? Зизяни-я? Пшеленскаянинг адъютанти Зизя Кшепицкийни-я?
— Худди ўшани.
— Жуда қизиқ йигит. Бир вақтлар менга хушомад қилиб юрарди. Лекин ўша пайтларда унинг унча обрўси йўқ эди.
— Очиғини айтсам, у ҳақда бирор ёмон гап эшитганим йўқ. Банка ташкил қилинганидан буён менда сектарь бўлиб ишлайди.
— Унинг ишидан хурсандмисан?
— Ёмон ишламайди. Ё сен унинг бу ерда ишлашини истамайсанми?
— Йўғ-е, нега энди! Ишлар мени сира ҳам қизиқтирмайди, азизим. Бу соҳада ҳеч нима тушунмайман.

Хизматкор кириб, чақирилган одамлар тўплана бошлаганини хабар қилди.

Никодимнинг кабинети ёнига жойлашган кенггина идорада йигирма чоғлик одам йиғилган эди. Алланима тўғрисида оҳиста гаплашиб ўтирган хизматчилар Дизма кириб келгач, ўрниларидан туриб таъзим қилишди.

Дизма жавобан бош ирғади-да, ҳеч кимни ўтиришга таклиф қилмай, ёзув столи ёнига бориб ўтирди.
— Сизларни бу ерга тўплашимдан мақсад, — дея гап бошлади у бармоқлари билан столга ёзилган мовутни чертиб, — Коборово бекаси пани Нина Куницкая эридан ажралишиб, ундан ваколатномани қайтариб олаётганини хабар қилиб қўйишдир. У барча ишларни бошқаришни менга топширди. Огоҳлантириб қўяй: мен пачакилашиб ўтирмайман. Ғалла банкаси қандай пухта ишлаётганини газеталардан ўқиган бўлсангиз керак. Гап шундаки, мен банкада қаттиқ интизом ўрнатганман. Қайтараман — мен пачакилашиб ўтиришни ёмон кўраман,

Уз гапларидан қизишиб кетган Никодим борган сайин авжига чиқа бошлади.
— Қисқаси, иш ўйинчоқ эмас. Менинг қўлимда ишлаган одам меҳнат қилиши керак, ялқовларга пул тўламайман. Тушундиларингми? Текинхўрларни расвосини чиқариб ҳайдайман. Агар, худо сақласин, биронтангизнинг фирибгарлигингизни, қўлингиз эгрилигини сезиб қолсам, сира аяб ўтирмайман — дарҳол турмага тиқамай! Мен билан ҳазиллашиб бўлмайди! Тушунарлими?

Шундай дея Никодим столга мушт туширди. Хизматчилар ҳайратдан донг қотиб туришарди.
— Яқинда бу ерга пан Кшепицкий деган одам келади, мен уни бошқарувчи қилиб тайинладим. Унинг ҳамма гапига қулоқ солишингиз лозим. Лекин ҳозирги замонда туғишган акангга ҳам ишониб бўлмайди. Шунинг учун ҳам мен бундай йўл тутмоқчиман: мабодо биронтангиз бирор қаллобликни сезиб қолиб, менга хабар қилсангиз, беш минг злотий бераман ва маошингизни ошираман. Ҳеч кимни хафа қилмайман, сизларга отангиз каби мурувват кўрсатаман, аммо ўзимни алдашларига йўл қўймайман. Гап тамом. Энди ишингизга боринглар.

Хизматчилардан бири, ароқ заводининг директори, мункайган, нуроний чол олдинга ўтиб, Дизмага мурожаат қилди:
— Пан раис...
— Хўш, нима гап?
— Сиз айтдингизки...
— Айтган гапимни тушундингизми?
— Тушундим, аммо...
— Ҳаммасини тушундингизми?
— Ҳаммасини. Худди шунинг учун ҳам...
— У ҳолда гап тамом. Мен сизларни бу ерга валақлашиш учун тўплаганим йўқ. Агар гапларим биронтага ёқмаган бўлса — марҳамат, тўрт томони қибла! Туёғини шиқиллатаверсин! Ҳеч кимни этагидан тутиб турмайман. Фақат ўйлаб кўришни маслаҳат бераман. Ҳозир иш топиш осон эмас. Шундай гувоҳнома ёзиб бераманки, асти қўяверасиз! Таниш-билишларим ҳақида-ю, гапириб ўтирмайман. Польшада биронта ҳам одам менга душман бўлмагани маъқул. Хайр.

У шундай дея эшикни қарсиллатиб ёпди-да, чиқиб кетди.

Ҳамма бир минутча индамай турди.
— Ана холос! — деди ниҳоят хизматчилардан бири.
— Қандай ярамаслик! — деди чидаб туролмай ароқ заводининг директори. — У бизларни жосус қилиб қўймоқчи.
— Гапларини қаранг-а!
— Мен ишдан бўшаш ҳақида ариза бераман.
— Бизларга худди тўпори солдатлардай муомала қилди-я.
— Тилини айтмайсизми! Шарманда! Гўё биз зиёли одамлар тилини тушунмайдигандек, аллақандай жаргонда гапирди.
— Ахир ҳақорат-ку бу!
— Фақат битта чорамиз қолди: ҳаммамиз бараварига ишдан бўшашимиз керак.
— Ҳа, худди шундай қилишимиз лозим.

Бироқ ҳамма ҳам шу фикрда эмасди. Ёши ўттиз бешларда бўлган агроном Таневский гап қотди:
— Огоҳлантириб қўяй: мендан умид қилманглар.
— Мендан ҳам, — дея қўшимча қилди ветеринар. Ҳаммаси ғазабланиб, уларга таъна қила бошлади. Таневский елкасини қисди.
— Хўш, нега хафа бўляпсизлар? Кўнглингиздагидай гапирмадими? Менимча, буларнинг ҳаммаси арзимаган нарса, Раис Дизма — улуғ одам, унинг Ватан олдида хизматлари катта: у давлат ишларини ҳал қилиши керак. Шу боисдан бу ерда Версалдагидек дипломатия қилиб ўтирмаганининг ажабланарли жойи йўқ. Ниҳоят, бу ер киборлар салони ҳам эмас, бу ер иш...
— Бизларга чақимчилик қилишни таклиф қиляпти! Уялинг, пан Таневский, мен сизни, бунчалик юмшоқ кўнгил деб ўйламагандим, — деди ғазаб билан бош бухгалтер.
— Кечирасизу, лекин у ҳеч кимни чақимчилик қилишга мажбур этгани йўқ.
— Шунақами? Чақимчилик учун белгиланган мукофот-чи?
— Ким сизга мукофот сўрасин деяпти? — деди зардаси қайнаб Таневский. — Ўзимни айтай... Агар ўғрилик қилишаётганини кўрсам, бу ҳақда хўжайинга маълум қилиб қўйишни ўз бурчим деб ҳисоблайман. Нима? Ё гапим нотўғрими? Пан раис ўзининг, тўғрироғи, унга ваколат берган беканинг мулкини суиистеъмол қилинишидан сақлашга уриниши мутлақо ўринли. У оқилона иш қиляпти, холос. Фақат аҳмоқ одамгина ўз мулкини талон-торож қилишга йўл қўяди. Агар у банкада ҳам ўғриликка йўл қўйганда ҳозиргидай бутун дунёга донг таратмаган бўларди. Хўш, йўл қўйганида бир неча ой ичида мамлакатнинг молиявий ҳаётини яхшилай олармиди?.. Йўқ, албатта! Биздан онгли равишда ҳалол ишлашни талаб қилар экан, у ҳақ. Шундай эмасми? А?..

Таневский эътироз билдиришларини кута бошлади. Бироқ ҳамма жим турарди.
— Ҳаётда кўнгилчанлик қилиб бўлмайди. Биз поляклар эса, сал иззат-нафсимизга тегишдими, бас, дарҳол терслик қила бошлаймиз. Кейин ишдан қувиб юборишади! Шу иззат-нафсимиз билан бировлардан иш сўраб, ялиниб юрайлик бўлмасам. Кўпни кўрган одамман, мени алдаб бўлмайди. Очиғини айтсам, хафа бўлишингнз мутлақо ўринсиз. Нимаям дердим— пан Дизма машҳур давлат арбоби, атоқли иқтисодчи, биз эса — мени кечирасизлару — шунчаки чакана одамлармиз. Ким ҳаётга енгил қараса, ўзича «хулоса» чиқараверсин, мен эса ишдан бўшамайман. Раис — пухта одам, ишнинг кўзини билади. У бизни олдимиздан хушлаб, ортимиздан муштламай, очиғини айтди-қўйди. Бунга унинг ҳақи бор. Гап тамом.

Орага жимлик тушди.
— Ҳа, у ҳақ албатта, — деди кимдир.

Мана иккинчи, учинчи, ўнинчи одам ҳам агрономнинг фикрига қўшилади...
— Албатта ҳақ, — деди Таневский илгакдан мўйна пальтосини олар экан.

Ароқ заводининг директори қўлларини ёзди.
— Билганингизпи қилинглар, менга эса бунақа иш тўғри келмайди.

Барча, ҳали ҳаммаси яхши бўлиб кетади, ҳозирги найтда янги иш топиш қийин, деб уни бу фикрдан қайтаришга урина бошлади. Чол бошини чайқаб деди:
— Йўқ, жаноблар. Иш топиш қийинлигини биламан, лекин мен бундай ишлашга кўникмаганман. Бунақаси менга тўғри келмайди. Эҳтимол сизлар ҳақдирсизлар, бироқ мен қариб қолдим, урушдан аввал қандай ўйлаган бўлсам, ҳозир ҳам шундай ўйлайман. Қўлимдан келмайди...

Улар бирин-кетин тарқалиша бошлашди. Ниҳоят, сўнгги хизматчи ҳам идорадан чиқиб кетди. Бўялмаган тахта полнинг у ер-бу ери халқоб бўлиб қолди, Ўша куни ҳўл қор ёққан эди.

17-боб

Пшеленскаянинг квартирасидаги энг яхши икки хона қадрли Нинуся учун ажратиб берилди. Бу хоналар икки улкан гулзорни эслатарди. Ҳар куни хизматкор билан оқсоч қиз паненка жаноби олияларининг (Пшеленская Нинани шундай аташни буюрган эди) нафаслари қайтмаслиги учун гул ўтказилган тувакларни хонадан буфетга ташиб чиқишарди.

Ҳар куни пешиндан сўнг киборлар жамиятининг деярли ярми мавсумда шов-шувга сабаб бўлган Нинани кўришга келарди.

Бу ҳол бир ҳафта давом этиб катта тантана билан якунланди: Пшеленская хоним жамиятга ўзининг севимли жиянини танитиш учун бал уюштирди.

Балга ҳатто князь ва княгиня Ростоцкийлар ҳам қадам ранжида қилишди. Пшеленская уларни ҳаяжондан қип-қизариб қарши олди. Князь билан княгиня раис Никодим Дизманинг меҳри тушган уйга қадам қўйганларидан ғоят хурсанд эканликларини изҳор этишди.

Меҳмонхонада Никодимнинг Нинага унашиши ҳақида очиқдан-очиқ гапиришмоқда эди; бу унашув Нинанинг олдинги никоҳи бекор қилингач, расман эълон қилиниши лозим эди.

Барча фақат бир нарсадан: Куницкийга нима бўлганини билолмаганидан хижолат чекарди. Дунёдаги барча нарсадан хабардор бўлишга ўрганиб қолган хонимлар шуни ўйлаб, кечалари ухламай чиқишарди.

Чолнинг чет элга жўнагани ва никоҳни бекор қилишга рози бўлгани маълум эди, холос. Хўш, нега?.. Нима сабабдан у ер-мулкини Нинага қолдириб кетди?..

Бу саволга бир нечта одамгина жавоб бера оларди. Бироқ бу ҳақида сўрашганида Кшепицкий жилмайиб қўя қолар, Пшеленская эса, агар ўзи шуни истамаса, бирор нарсани оғзидан гуллайдиган аёллар сирасидан эмасди. Нинанинг ўзидан сўраш ноқулай бўлиб, Дизмадан сўрашга эса ҳеч ким журъат этмасди.

Учрангли Юлдуз ложасидаги яқинлигидан фойдаланиб, Дизмадан Куницкий ҳақида сўраб кўрган Ляля Конецпольская ҳеч нимани билолмай, кейинчалик шикоят қилиб юрди:
— Тасаввур қилинг-а, у менга, шундан бошқа ташвишингиз йўқми, деди-я!

Қабул маросими жуда кўнгилдагидек ўтди. Аммо бал маликаси хижолатда эканини яширолмай қолганди: Нина ҳозирги аҳволидан уяларди. У гўё қизлик пайтига қайтгандек бўлиб қолганини ўйлаб, ўзини ноқулай ҳис этарди.

Варшавада Нина иззат-икром билан яшамоқда эди. Дарвоқе, бу иззат-икромга маълум даражада синчковлик ва эҳтиром туйғулари ҳам аралашиб кетганди. Бунга эса Никодимнинг шуҳрати сабаб бўлганди.

Нина билан гаплашган ҳар бир одам албатта Дизмани эсларди ва уни кўкларга кўтариб мақтарди. Нина бу гапларни эшитар экан, доим ҳайратга тушарди. Никодимнинг машҳур одам, йирик давлат арбоби, серфазилат киши эканлиги илгари ҳам маълум эди, албатта. Лекин Коборовода Нина унинг бунчалик улуғлигини билмаган экан. Энди барча уни кўкларга кўтариб мақтайвергач, Нина илгари унинг қадрига унчалик етмаганини фаҳмлади ва ичида қаллиғига нисбатан қандайдир журъатсизлик ҳис эта бошлади.

Нинанинг ҳаёти ранг-баранглигига қарамай, ёки худди шу ранг-баранглик учунми, ишқилиб, бир маромда ўтиб борарди. Эрталаблари у ё холаси билан сайрга чиқарди, ё магазинларни айланиб, турли-туман нарсалар харид қиларди. Соат бирда уйига қайтар экан, уни албатта уч-тўртта синчков меҳмон кутиб ўтирган бўларди. Сўнгра пешинга овқатга ўтиришарди. У баъзан уйда, баъзан танишлариникида, баъзан эса Никодимнинг таклифига мувофиқ ресторанда овқатланарди. Соат еттида Никодимнинг ўзи келарди-да, улар икковлашиб театр ёки кинога боришарди. Театрга борган кунлари Никодим уни машинасида уйигача олиб келиб қўяр ва улар дарвоза олдида хайрлашишар эди. Кино эса театрга қараганда анча эрта тугарди, шу сабабдан Дизма у билан бирга овқатланиш учун Пшеленскаяникига келарди.

Никодим Нинадан ўз квартирасига боришни жуда кўп илтимос қилди, бироқ жувон кундан-кун бу ишни пайсалга солиб келарди.

Ўша куни улар кинода қандайдир одобсизроқ комедия кўришди. Шундан сўнг Дизма Нинанинг ўжарлигини енгишга аҳд қилди. Улар Пшеленскаянинг уйига етиб келишгач, Никодим автомобилга жавоб бериб юборди.
— Пиёда кетаман. Бу ердан узоқ эмас, — деди у шоферга.

Нина қўнғироқ тугмасини босмоқчи бўлган эди, Дизма унинг қўлидан тутди.
— Йўқ, Ниночка, меникига борамиз.
— Йўқ, сеникига бормайман.
— Борасан!
— Бунинг иложи йўқ! Холам нима дейдилар ахир?
— Нима деса деяверсин. Бу билан нима ишинг бор?
— Йўқ, йўқ! — дея ўжарлик қилди Нина.
— Хўп дегин, ярим соатгагина бориб келайлик, — илтимос қилишда давом этди Никодим. — Ё мени севмайсанми?

Нина унинг пинжига тиқилиб, шивирлади:
— Яхши, лекин бугун эмас.
— Бугун.
— Йўқ. Эртага. Кинога кетдик деймиз.

Дизма аччиғлана бошлади. У яна қистамоқчи бўлди, бироқ Нина қўнғироқ тугмасини босган эди, дарвозахонада дарбоннинг қадам товуши эшитилиб қолди.

Нина шошилиб Дизмани ўпди-да, ичкарига кириб кетди.

Ҳаво жуда совуқ эди, Никодим пальтосининг ёқасини кўтариб олди. У уйи томон бир оз юрди-да, сўнг бирдан фикридан қайтиб, Кручая кўчасига бурилди. Иерусалим хиёбонида ҳали сайр қилувчилар кўп эди, Янги Святда эса одам қайнарди.

Никодим майхонага кириб, бир неча қадаҳ ароқ ичди-да, кўк нўхат билан бир талай дудланган чўчқа гўштидан еди... Пештахта ортида оқ халат кийган дуркунгина бир қиз ишламоқда эди.

«Кетворган хотин экан-да» — дея хаёлидан ўтказди Дизма. Шу тобда унинг миясига ҳозир кўчага чиқиб, истаганимга имо қилишим мумкин, деган фикр келди.

У ароқнинг ҳақини тўлади-да, одатига хилоф равишда қайтимини санаб ўтирмай кўчага чиқди.

Чиндан ҳам «хонимчалар» жуда сероб эди. Бир неча минутдан сўнг у биттасини танлади. Никодим аввал уни уйига бошлаб бормоқчи бўлди, бироқ кейин меҳмонхонага олиб борганим маъқул, деган қарорга келди. Аёл уни Хмельная кўчасидаги аллақандай бир уйга бошлаб борди.

Никодим ўрнидан туриб, кийина бошлаганида соат кечаси тўрт бўлган эди. У чўнтагидан йигирма злотий чиқариб, стол устига қўйди-да, «хайр», дея тўнғиллаганича хирагина лампочка билан ёритилган ифлос коридорга чиқди.

Меҳмонхона бекаси семиз кампир янги «жазманларни» бошлаб ўтди, коридорнинг нариги четидаги хонадан кимдир чиқди.

Никодим одати бўйича папирос олиш учун қўлини чўнтагига тиққан эди, портсигарини топа олмади. У югурганича хонага қайтиб кирди.

Аёл тўшакда чордана қуриб, тиши синган тароқ билан сочларини тарамоқда эди.
— Портсигарни бер, алвасти!
— Қанақа портсигар?
— Қанақа дейди-я? Қанақалигини кўрсатиб қўяман сенга! Яхшиси, дарров бер, бўлмасам ўзим топиб оламан-да, тумшуғингга соламан.
— Мунча бақирасан? Одамлар тўпланадику?! Эшикни ёпиш шунча қийинми?!

Дизма орқасига ўгирилиб қаради. Чиндан ҳам қоронғи коридорда кимдир турган экан. У эшикни ёпмоқчи бўлиб ўгирилган эди, юзига чироқ нури тушди. Коридорда кимдир аста қичқириб юборди-да, ўзини четга олди.

Никодим эшикни қулфлаб, калитни чўнтагига тиқди па каравот ёнига келди. Аёл гўё ҳеч нима бўлмагандай сочини тарайверди. Дизма тароқни унинг қўлидан юлиб олди-да, бурчакка қараб отди.
— Мунча силтайсан, олифта? — деди аёл дўриллаган товуш билан.
— Портсигарни бер, эшитяпсанми!
— Олганим йўқ портсигарингни, — дея елкасини қисди аёл.

Дизма унинг юзига бир шапалоқ туширган эди, аёл йиқилиб боши деворга урилди.
— Бер деяпман, мочағар! — шундай дея у яна қўлини кўтарди.

Аёл юзини тирсаги билан пана қилди. Дизма унинг сумкасини титкилай бошлади. Сумкадан бир нечта арзимас майда-чуйдалар билан ғижимланган пул ва ифлос дастрўмол чиқди. Аёл унга индамай қараб турарди.
— Ҳа... газанда!

Дизма аёлнинг остидан ёстиқни тортиб олди-да, полга улоқтирди. Ёстиқ билан полга тўқиллаб портсигар ҳам тушди. Никодим уни олиб, кўздан кечирди-да, чўнтагига солди.
— Ўғри, — дея тўнғиллади у, — ярамас!
— Уни у ерга ўзинг қўйгандинг!
— Ёлғон! — дея бақирди Дизма.

Аёл индамади. Дизма эшикни очиб, коридорга чиқди. Кўчанинг у ер-бу ерида фонарлар ёқиб қўйилганди. Извошлар кўринмасди. Уйга пиёда кетишга тўғри келди. Совуқ кучайиб, оёқ остидаги қор ғарч-ғурч қиларди. Аҳён-аҳёндагина бирор ўткинчи кўзга ташланиб қоларди. Никодим шошилиб борар экан, Маршаловскаянинг муюлишига етганида орқасига ўгирилиб қаради. Кўчанинг нариги бетида унинг ортидан қандайдир бир қиз келмоқда эди.

«Буниси ҳам ҳалигидақалардан бўлса керак, — дея ҳаёлидан ўтказди Никодим, — йўқ, мени алдаёлмайсанлар!»

У қадамини тезлатди, бироқ қиз ҳам ундан қолмай келаверди. Чамаси, у ортда қолиб кетмасликка аҳд қилганди, чунки Дизма Новогродская кўчасининг муюлишига етгач, яна унга кўзи тушди. Никодим тўхтаган эди, фақирона кийинган қора шляпали қиз ҳам тўхтаб, аллақандай магазиннинг ёритилмаган витринасини томоша қила бошлади.

Никодим бир тупурди-да, йўлида давом этиб, Вспульная томон бурилди. Бир неча минутдан сўнг у дарвоза олдига етиб борди. Дарбон эшикни очиб, таъзим қилди.
— Шофер соат нечада келди? — дея сўради ўз одамларини назорат қилиб юришни яхши кўрадиган Дизма.
— Соат ўн бирларда, пан жаноби олийлари.
— Гаражнинг томини тузатишдими?
— Тузатишди, пан жаноби олийлари.

Дизма бош ирғади-да, зинадан юқори кўтарилди. Панжара ортидан уларни кузатиб турган қизни на у, на дарбон сезди.

Нотаниш қизнинг юраги гупиллаб ура бошлади.

У бошини кўтариб, иморат пештоқига қаради-да, иккинчи қаватнинг бўғотидаги қора ҳарфларга кўзи тушди:

«Давлат Ғалла Банкаси»
— Банка!..

Бирдан ҳаммаси унга аён бўлди. Никодим, унинг Никодими катта иш бошламоқчи. Гарчи Никодим ундан юз ўгирган бўлса-да, қиз уни сира унута олмай ҳамон яхши кўрарди. Ер остидан йўл ковлаб хазинани ўмармоқчи бўлса керак!.. Ҳарқалай дарбон билан тили бир экан: дарбон унга эшикни очиб бергани ва улар алланима тўғрисида келишиб олишганини қиз ўз кўзи билан кўрди.

Давлат ғалла банкаси!

Балки у ерга хат ташувчи бўлиб жойлашиб олгандир? Ундай бўлса, нега кечаси келди?

Қизнинг юраги ҳамон гупиллаб урарди.

У кўчанинг нариги бетига ўтиб, кута бошлади.

Эҳтимол, ҳозир қўнғироқ чалиниб, муюлишдан полиция чиқиб қолар? У ҳолда қиз нима қилиш лозимлигини билади: у қўнғироқ чалиб, дарбонни огоҳлантириб қўяди... Тўғри, Никодим уни унутди, қайтиб келаман, деди-ю, аммо алдаб кетди, бироқ энди, албатта унинг ёнига қайтади, Иши ёмон эмасга ўхшайди — чиройли пальто кийиб юрибди. Анави сафар ажойиб машинада ўтди... У Луцкаяда, уларнинг уйида яшаган кезлари қиз Дизманинг бундай жасур йигит эканлигини хаёлига ҳам келтирмаган эди...

У кетишга жазм этганида паст сузаётган қоп-қора булутлар орасидан тонг нури туша бошлаган эди. Совуқ унинг суяк-суягидан ўтиб кетди. Луцкаядаги уйига етиб боргач, қиз дарвозанинг очиб қўйилганини кўрди — йигирма тийин ёнига қоладиган бўлди.

Эрталаб Манька яна Вспульная томон йўл олди. Қиз, банкани полиция ўраб олган бўлса керак, деб ўйларди. Никодим қўлга тушган бўлса-я?! Эҳтимол, қочиб ҳам кетгандир.

Манька енгил тортиб, тин олди. Банка эшиги тинимсиз очилиб ёпилар, у ерга мижозлар кириб-чиқиб, дарвоза олдига автомобиллар келиб-кетиб турарди.

Эҳтимол, Никодим ер остидан йўл очмоқчи ёки деворни тешмоқчидир... Бу иш бир неча кунга чўзилади.

Ниҳоят, Манька уни қидириб топди! Энди Никодим ундан қочиб қутулолмайди! Манька уни бу ерда кундуз куни учратмаслиги, Никодим бу ерга кечқурун келишига шубҳа қилмасди. У Дизмани кутади ва албатта юзма-юз учрашади.

Манька кечқурун яна банка ёнига келди.

Соат ўн бўлди, ўн бир... Манька асабийлашиб, кўчанинг нариги бетида у ёқдан-бу ёққа юра бошлади. Паға-паға қор ёғмоқда эди. Агар фонарь остига туриб, юқори қаралса, қор заррачалари қорамтир бўлиб кўринади. Икки марта ўткинчи эркаклар уни гапга солмоқчи бўлишди. Бир йигит анча пулдор кўринди, бироқ Манька унинг таклифига жавобан бош чайқаб қўя қолди.

У, Никодим бугун келмаса-я, дея безовта бўла бошлади.

Лекин Манька барибир кутади! Кутади дедими, кутади!.. Эркаклар ўзи шунақа бўлишади: кўздан йўқолдими — унутишади қўйишади. Малла Владек ҳам ахийри Зосянинг олдига қайтиб келди-ку...

Манька шу йўсинда гоҳ Маршалковская, гоҳ қарши томонга қараб, чидам билан кутиб тураверди. Бирдан дарвозанинг шарақлаб очилгани унинг диққатини банкага жалб этди. У ердан башанг кийинган бир хоним билан Никодим чиқиб келди. Улар нимадандир кулишарди.

Маиька ўзини девор панасига олди. Улар кўчани кесиб ўтишди. Тротуар ғоят тор бўлиб, улар ёнидан ўтиб кетишаётганида Манька қўлини чўзса, бемалол етарди. Шундоқ ёнгинасидан Дизманинг товуши эшитилди:
— Агар истасанг, жонгинам Ниночка, мен...

Унинг кейинги сўзларини кўчадан ўтаётган таксининг гудоги босиб кетди. Манька Никодим ҳалиги хонимнинг қўлтиғидан олганини кўриб қолди.
— Ҳали шунақами! — деди Манька ва хаёлга чўмди.

Сўнг уларнинг ортидан юрди.

У рақибаси борлигидан ажабланмади. Никодим хотинсиз туролмайди, албатта. Бироқ Манькани бу хонимнинг гўзаллиги чўчитиб қўйди.

«Никодим уни севади... Севиши аниқ... Лекин нега бўлмасам, дея унинг дилида умид учқунланди яна, — кеча тунда у меҳмонхонада бошқа хотин билан бўлди?..»

Бу ерда қандайдир сир бор эди. Агар шу нарса бўлмаганида Манька ҳозир уларга етиб олиб, Никодим меники, мен уни севаман, дея ўша хонимнинг бетига бақирган бўларди.

«У олдимга қайтиб келади, албатта қайтади. Унга, кутавериб, кўзларим тўрт бўлгани, ҳамма дугоналаримнинг жазмани борлиги, гарчи энг яхши йигитлар осилишган бўлса-да, менинг ҳеч кимим йўқлигини айтаман... Қайтиши керак».

Никодим Нинани уйигача кузатиб қўйди-да орқасига қайтди. Йўл-йўлакай у бутун Лисковда хотинларнинг кўнглини олишга моҳирлиги билан ном чиқарган Юрчак, фақат қора соч аёлларгина серэҳтирос бўлади, деб бекор айтган экан, дея ўйлаб келди. Ногаҳон кимдир уни чақириб қолди.

Никодим ўгирилиб қаради. Унинг қаршисида Манька турарди.
— Никодим, — дея оҳиста шивирлади қиз.
— Э, сенмисан? — тўнғиллади Дизма таъби хира бўлганини яширмай.
— Мени унутмадингми?
— Сенга нима керак?

Манька нима дейишини ҳам билмай, бақрайиб унга қараб турарди.
— Хўш нима дейсан! — дея сўради Дизма жаҳли чиқиб.
— Ҳали мени шундай кутиб оляпсанми! Сеига нима ёмонлик қилдим, Никодим?
— Ёмонлик ҳам қилганинг йўқ, яхшилик ҳам! Бошимни кўп қотирма. Айт, нима керак сенга?

Манька индамай тураверди.
— Гапирсанг-чи, жин урсин сени!

Манька ҳамон индамасди.

Дизма бир сўкиниб қўйди-да, кетмоқчи бўлди. Бироқ қиз унинг енгидан тутиб қолди.
— Қўйвор!
— Қўйвормайман! Сен гапимни эшитишинг керак.
— Бўлмаса гапиргин-да, жин урсин сени! Хўш нима гапинг бор?
— Сени қанчалик қўмсаганимни билмасанг ҳам керак, Никодим. Менинг ҳатто ўйнашим йўқ. Нуқул сени кутдим... Сени қидирдим, мени унутмагандир, қайтиб келар ахир, деб ўйладим.

Никодим елкасини қисди.
— Орамизда эслайдиган, унутадиган нима бор экан ўзи?
— Қайтиб келаман дегандинг-ку ахир.
— Айтсам нима қилибди. Нима, сен билан никоҳдан ўтибманми?
— Биласанми... мен сени севаман.

Дизма хахолаб кулиб юборди.
— Анавини гапини-я! Сен ҳар кечаси биронта эркакни севасан.
— Сен буни юзимга солма! Ўзимга қолса шундай бўлишни истармидим? Очлик мажбур қилди. Жирканмайди, деб ўйлайсанми.
— Бўпти, бўпти, фақат ёлғон гапирма.
— Рост айтяпман. Менинг бошнмга тушган кун ҳеч кимнинг бошига тушмасин. Итга ҳам раво кўрмайман уни!
— Хўш, бу билан мени нима ишим бор?
— Ёнимга қайтиб кел!
— Ҳожати йўқ.
— Бизникида текинга яшайверасан. Сенинг учун ўзим пул тўлайман.

Дизма пиқиллаб кулиб юборди. Манька унга безовталаниб қараб қўйди.
— Нега куляпсан?
— Аҳмоқ экансан, шунинг учун куляпман. Бу бўлмағур гапни миянгдан чиқариб ташла.
— Нега ундай деяпсан? Наҳот энди сенга ёқмай қолган бўлсам?
— Яхшиликча бориб, ишингни қил, Манька.
— Ўшанда, қайтаман, деган эдинг-ку.
— Тупурдим ўша гапга! Тушундингми? Энди мен уйланяпман, дуч келган фоҳишанинг бошимни қотиришига йўл қўймайман. Энди мен бошқача аёллар билан гаплашяпман.
— Ҳозир мен кўрган аёлга уйланмоқчимисан?
— Унгами, бошқасигами — бировнинг ишига тумшуғингни суқма.
— Биламан, ўшанга уйланмоқчисан. — Маиьканинг товуши нафрат билан жаранглади.
— Бу билан сенинг нима ишинг бор?
— Чунки сени яхши кўраман! — дея қичқирди Манька алам билан.
— Секинроқ, мунча бақирасан! Севсанг севавер, менга нима! Бўпти, бор энди, сен билан гаплашишга вақтим йўқ.

Қиз яна унинг енгидан тутди.
— Яна бир минут сабр қил.
— Хўш?
— Юр, меҳмонхонага борамиз...

У ҳамон Никодимни ўзига оғдириб, рақибасидан чалғитишга умид қилар эди. Дизма уни итариб юборди.
— Йўқол.
— Никодим!..

Маньканинг кўзлари жиққа ёшга тўлди.
— Йиғлашга бало борми! Вақтим йўқ, дедим-ку сенга. Мабодо истаган тақдиримда ҳам бугун боролмайман.
— Нега энди?
— Ишим бор.
— Шундай дегин! — Манька бош ирғади. Унинг қиёфаси жиддийлашди. Ҳа, албатта, банкани ўмаришнинг ўзи бўлмайди — буни қиз тан олади. Бундай иш олдида Манька ким бўпти.
— Унда бошқа гал, — дея рози бўлди Манька, — бошқа гал борасан, хўпми...
— Эҳтимол, борарман. Хўп хайр.

Дизма кетмоқчи бўлган эди, бироқ Манька унга ёпишиб олди.
— Никодим, мени ўпмай кетаверасанми?
— Ҳе, жин урсин! Жонга тегдинг-да ўзиям!

У энгашиб қизнинг юзига лабини теккизди. Бироқ Манька бундаи кўнгли тўлмай, Дизманинг бўйнидан қучди-да, унинг лабларидан ўпди.

Қизнинг дўрдоқ лаблари совуқдан муздеккина эди.
— Бўлди, бўлди, — дея уни ўзидан четлатди Никодим.
— Қайт! Олдимга қайт! — шивирлади Манька.
— Оббо, жуда ёпишиб олдинг-ку! Эҳтимол, кейин қайтарман. Хайр.

Манька иидамай бош ирғади.

У Никодимнанг ортидан узоқ тикилиб турди. Дизма муюлишдан ўтиб, кўздан ғойиб бўлгач, Манька рўмолининг учи билан кўзини артди-да, бошқа томонга равона бўлди..

Никодимнинг ғоят жаҳли чиққан эди. Бу Манька қаёқдан пайдо бўлди ўзи... Дизма уни аллақачон унутган эди... Умуман, қизнинг унга тирғилишга нима ҳақи бор?! Тўғри — яхши кўради... Аслида ўзи ёмон қиз эмас... Аммо бу унинг ортидан илакишиб юриши мумкин деган гап эмас-ку...

«Ҳали, мени шарманда қилиб қўйииги мумкин ёки Нинага бирор нарса деб валдираса-я? Э, жин урсин!»

Никодим, қиз яна тирғиладиган бўлса, иккинчи олдига келмайдиган қилиб таъзирини беришга жазм этди.

Қвартирани Нина суртган атир-упанинг ҳиди тутиб кетган эди. Никодим ечиниб, ўзини тўшакка ташламоқчи бўлди-ю, бироқ эртага эрталаб Кшепицкийнинг Коборовога жўнашини ва ўзи унга баъзи қоғозларни тўғрилаб бериши лозимлигини эслади. Никодим ярим соатча шу иш билан овора бўлиб ўтирди; у ҳужжатларни ҳозирлаб, энди ўрнидан турган ҳам эдики, телефон жиринглаб қолди.

Вареда қўнғироқ қилмоқда эди. Барча улфатлар йиғилишиб, барда ўтиришганмиш, шу боисдан. Никодимни ҳам чақиришга қарор қилишибди.
— Нина келгандан бери, — дея шикоят қила бошлади полковник, — бутунлай қорангни кўрсатмай қўйдинг. Албатта кел.

Бироқ Дизма чарчагани ва уйқуси келаётганини баҳона қилиб, уларнинг олдига боришдан бош тортди.

Никодим умуман пивохоналарни ёқтирмасди. Баъзи-баъзида ичишнинг зарари йўқ, аммо пивоҳонада соатлаб ўтириб, ғирт маст бўлгунга қадар ичиш — йўқ, бунақаси унга тўғри келмайди. Агар илгари Дизма Вареда, Уляницкий ва уларнинг дўстлари билан ичишган бўлса, таниш билиш орттириш учунгина шундай қалган. Энди эса у фақат Коборовода тинчгина яшашни орзу қиларди.

Нинанинг аввалиги никоҳини бекор қилиш масаласи ҳал бўлай деб қолганди. Куницкий бировнинг фамилиясини ўзлаштириб олгани масалани янада осонлаштирмоқда эди. Қолганини пул билан бир ёқли қилса бўларди. Никодимнинг эса энди пулдан камчилигн йўқ эди.

Кунлар кетидан кунлар бир маромда ўтиб борарди.

Дизма Кшепицкийнинг йўқлигини ҳар қадамда ҳис этарди.

Гарчи Никодим банкани бошқаришни унча-мунча ўрганиб, у ёки бу иш юзасидан қандай йўл тутиш лозимлигини билиб олган бўлса-да, баъзан у ҳал қила олмайдиган масалалар ҳам учраб қолмоқда эди. Шунақа пайтларда бод касали унинг жонига ора кирарди.

Шу эҳтиёт чораларига қарамай у бир нечта хатога йўл қўйган эди, аммо буни ошиқ раиснинг паришонхаёллигига йўйишди. Бўлажак тўй анча миш-мишларга сабаб бўлганди. Бу гапларни ҳар куни пан раиснинг қайлиқлари квартирасига сават-сават гул олиб борадиган Игнатий топиб келарди.

Нина Никодимникига ҳафтада бир неча бор келиб кетарди.

Бундан мутлақо бехабар пани Пшеленская барчага Нинанинг кундан-кун кайфияти яхшиланиб, ҳусни очилаётганини шодланиб ҳикоя қиларди.
— Севиш ва севилиш, жонгинам, — дерди Нинага холаси, — бу аёл киши учун энг яхши косметика. Сен шундоқ кўз ўнгимизда гул-гул очилиб кетяпсан.

Нина Никодимга бу гапни кула-кула айтиб берди.

У эрини деярли эсламай қўйганди. Дарвоқе, чолни эслашга унинг вақти ҳам йўқ эди. Киборлар ҳаёти уни ўз гирдобига тортганди. Нина у ерда катта обрў қозонганди. Ёшу қари эркаклар унга бири олиб, бири қўйиб хушомад қилишарди, ҳар бир салонда уни дарҳол мухлислар қуршаб олишарди.

Мухлислар орасида бир одам Дизмани ташвишга солиб қўйди.

Никодимни бу одамнинг юриш-туришларидан кўра ҳам Нинанииг унга муносабати кўпроқ безовта қила бошлади. Нина уни бошқалардан афзал кўриб, у билан кўпроқ танца тушар, узоқ-узоқ суҳбатлашарди.

Қирқларга кирган, баланд бўйли, хушқомат, малла сочлари офтобда оқарган бу одамнинг қаёқдан пайдо бўлгани номаълум эди. У ер куррасининг деярли ҳамма бурчакларига бориб келган бўлиб, Австралия, Перу ва Греландия ҳақида, гўё Константин ёки Милянув тўғрисида сўз юритгандек, бемалол гапираверарди. Унинг исми шарифи Хелль, Оская-Хелль эди. Ўзининг айтишича, у Россияда туғилган экан; Дизма Оксфорд университетида ўқиганини эшитгач, Хелль уни касбдош деб атай бошлади. Унинг ўзи Кембриджжа ўқиган экан. У ўнга яқин тилни яхши билгани каби, поляк тилида ҳам бемалол гаплашаверарди. Ундан миллатини сўрашган пайтларда Хелль, ўзим ҳам билмайман, дегандек ёқимтойлик билан елкасини қисарди.

Нинада у бирннчи учрашувдаёқ кучли таассурот қолдирганди. Жувон бу одамга бўлган мойиллигини яширмасди ҳам. Никодим буни дарҳол пайқади, албатта,

Аҳволки жуда ҳам таҳликали деб бўлмасди, бироқ Дизма кундан кун кўпроқ ташвишлана бошлади. Боз устига унинг ёнида ҳар қандай мушкул ишнинг ҳам чорасини топишга уста бўлган Кшепицкий йўқ эди. Никодим Кшепицкийга хат ёзиб юборди, бироқ ундан ҳали жавоб келмаганди.

Бу орада Оскар Хелль Варшавада ўрнашиб олди. У қисқа вақт ичида барча билан танишиб чиқди ва биронта ҳам бал, йиғин, танца кечасини канда қилмай қатнашиб юрди. Хелль бирор иш билан шуғулланмаса-да, пулга зориқмас ва шу боисдан ҳам бадавлат одам, куёв қилса арзийдиган киши сифатида ном чиқарди. Польшага уни тўнғиз овига таклиф қилиб, граф Помяловский олиб келган эди. Графнинг ўзи Хелль ҳақида бирор аниқ гап айтолмасди, чунки у билан Канар оролларига экскурсияга кетаётган пайтида, Италия пароходи палубасида танишган эди.

Никодим Нинани бу муттаҳамнинг таъсиридан қутқариш учун бутун устомонлигини ишга солди. Бироқ ораларига совуқлик тушишидан чўчиб, масалани кўндаланг қўйишга журъат этмасди.

Агар Хелль бир куни Нина билан суҳбатда Кася Куницкаянинг номини тилга олмаганида, эҳтимол, бу аҳвол анчага чўзилиб кетган бўларди.

Хелль Кася билан Давос, Канн ва Женевада учрашган бўлиб, уни яхши танир экан. Улар ҳатто баъзи-баъзида бир-бирларига хат ҳам ёзишаркан, чунки иккови ҳам телепатияга қизиқиб, кузатувлари ҳақида хабарлашиб туришар экан.

Нина буни эшитиб, ҳаяжонланиб кетди. У ниҳоят ўзи жуда яхшн кўрадиган Кася тўғрисида хабар топган эди. Бунинг устига Кася билан уни бирга ўтказган кунлари ҳақидаги хотиралар боғлаб турарди.

Нина Никодим билан учрашган заҳоти унга шу ҳақда айтди:
— Буни қара-я, пан Хелль Касяни яхши билар экан! Кася билан чет элда учрашган бўлиб, улар ҳатто бир-бирларига ҳат ҳам ёзишиб туришаркан! Бечора Кася! Ёлғиз ўзи... Унга ачинаман.
— Балки, ўша Хелль ёлғон гапираётгандир?
— Никусь! Уялмайсанми шундай дейишга! — деди зардаси қайнаб Нина. — Оскар ҳақиқий жентльмен!

Бу суҳбат Дизмага қаттиқ таъсир қилди. У дарҳол бирор чора кўришга жазм этди. Аввал Вареда билан маслаҳатлашиб олмоқ лозим эди. У полковникка қўнғироқ қилиб кечқурун ресторанда бирга овқатланишга келишиб олди.

Бир қадаҳдан ароқ ичишгач, Никодим мақсадга кўчди:
— Биласанми, Вацусь.. Сен анови Хеллни танийсан-а?
— Танийман. Қувноқ йигит.
— Қувноқми, қувноқ эмасми, бу билан ишим йўқ, лекин биласанми, у менинг жиғимга тегиб юрибди.
— Қандай қилиб?
— Қайлиғимни тортиб оляпти.
— Тумшуғига сол, агар ғиди-биди дейдиган бўлса бир жуфт пистолет олиб, масалани ҳал қил-қўй.
— Дуэлга чақир демоқчимисан? — дея башарасини бужмайтирди Дизма.
— Албатта! Мен сенга айтсам, Никусь бунақа пайтда чўзиб ўтирмаслик керак: пақ-пақ, гап тамом.
— Биласанми... Муҳими бу эмас. Гап хотин киши ҳақида кетяпти. Агар мен уни ярадор қилсам, Нина унга кўпроқ талпина бошлайди.
— Хўш, нима қилмоқчисан бўлмаса?

Дизма иягини қашиб қўйди.
— Балки, уни қамоққа олиш мумкиндир... Кимлиги, қаёқдан келгани номаълум-ку ахир...
— Ҳм... Очиғини айтсам, бунинг учун ҳеч қандай асос йўқ.
— Эҳтимол, у жосусдир? — деди тараддудланиб Дизма.
— Нега энди жосус бўларкан?
— Балки жосусдир, балки жосус эмасдир. Ҳеч ким, ҳеч нима билмайди. Лекин шунча пулни қаёқдан оляпти у? Ниманинг эвазига бундай ялло қилиб юрибди?
— Ҳм...
— Муттаҳам. Чет эл фуқароси...
— Ҳа, унинг ҳужжатларини текшириб кўриш мумкин, албатта, — деди хаёлга чўмиб Вареда. — Ҳатто бехосдан бориб, меҳмонхонадаги номерини тинтиб ҳам кўриш мумкин. Бироқ ҳужжатлари жойида бўлиб чиқса, хижолатпазлик бўлади. Йўқ, ундай қилиш мумкин эмас.

Вареда яна бир қадаҳ ароқ ичди-да, бирдан столни шапатилади.
— Йўли бор. Мен сенга айтсам — қойилмақом йўл...
— Хўш?
— Гап Хеллни қаматиш ҳақида эмас, балки уни узоқлаштириш ҳақида кетяпти, шундай эмасми?
— Узоқлаштириш деганинг нимаси?
— Нинадан узоқлаштиришни айтяпман-да.
— Ҳа, албатта.
— Ана шунинг йўли бор. Уни қамоққа олишади, номерини тинтиб, бу ҳақда газетада хабар босишади-да, сўнг кечирим сўраб, қўйиб юборишади.
— Бундан нима фойда?
— «Нима фойда» дейсанми? Тушунмаяпсанми?
— Йўқ.
— Буни тушуниш жуда осон-ку. Нима, Нина жосусликда шубҳа қилинған одамга илтифот кўрсатади, деб ўйлаяпсанми?

Дизма бир оз ўйланиб тургач, деди:
— Илтифот кўрсатмаса керак.
— Бу гапдан сўнг, умуман, уни жамиятда қабул қилишармикин?.. Ҳа, ошна, бунақа ғавғодан сўнг у лаш-лушини кўтариб жўнаб қолишга мажбур бўлади.
— Ҳм... Лекин... у бу гапларнинг ҳаммаси англашилмовчилик эканлигини тушунтириб қўйиши мумкин, — дея гап қотди Никодим.
— Бизга эса, — деди эътироз билдириб Вареда, — унинг жуда айёр эканлиги ва ҳужжатларни ўз вақтида ёқиб юбортанлигини шама қилишимиз. мумкин.

Дизма полковникнинг фикрига қўшилишга мажбур бўлди. Режа тайёр эди. Вареда ишни пайсалга солиб ўтирмай штабнинг икинчи бўлими бошлиғи полковник Ярцга қўнғироқ қилди.

Эртасига кечқурун улар энди учовлон учрашишди. Никодим полковникка сирни ошкор қилгиси келмаганидан Дизма билан Вареда Ярцга барча тафсилотларни айтиб ўтиришмади. У ҳам суриштирмади. Ярц учун раис Дизма Польшада ҳеч қандай мавқега эга бўлмаган бир чет элликни жосус деб ҳисоблаб, унинг обрўсини тўкмоқчи эканлигининг ўзи кифоя эди... Бунинг устига ресторандаги зиёфат ҳам жуда зўр бўлган эди. Улар эртага азондан ҳаракат қилишга келишишди.

Эртасига Дизма худди оёғи куйган товуқдай бир ерда ўтиролмади. У кундузи газетлар чиққан-чиқмаганлигини билиб келиш учун Игнатийни минут сайин пастга туширарди.

Ниҳоят, хизматкор уч дона газета кўтариб келди.

Дизма уларни шоша-пиша кўздан кечира бошлади. Икки газетада Хелль тўғрисида ҳеч нима ёзилмаган эди. Аммо учинчисининг саҳифасида «Янги жосуслар ташкилоти изидан. Ҳашаматли меҳмонхонада киборлар жамиятига мансуб жосус қўлга тушди» деган сарлавҳа остида йўғон ҳарфлар билан терилган хабар босилган эди.

Илгари келишиб олинганига мувофиқ хабарда Хеллнинг фамилияси тўла кўрсатилмаган эди. Унда қандайдир жаноб «X» ҳақида сўз юритилганди. Бироқ фактлар шундай баён этилгандики, Хеллни таийдиган одамларнинг биронтасида ҳам гап у тўғрисида кетаётганига шубҳа қолмасди.

Дизма хурсандлигидан қўлларини бир-бирига ишқалади.

У кўнгли жойига тушиб, хизматга доир қоғозларни кўздан кечирди-да, имзо чекиш лозим бўлган ҳужжатларни келтиришни буюриб, секретарь аёлга тегишиб ҳам қўйди. Сўнг таъзимларга жилмайиб жавоб қилганича бўлимларни айланиб чиқди ва, ниҳоят, хатларни ўқишга ўтирди. Улар орасида Кшепицкийнинг хати ҳам бор экан. Кшепицкий қуйидагиларни ёзган эди:

«Ҳурматли пан раис!

Бу ерда ҳамма иш жойида. На оппозиция бор, на саботаж. Ишларни бир оз тушуниб қолдим. Сизни табриклайман. Коборовони олтин кон деса бўлади. Бир ойдан сўнг мен бу ерда ҳар бир тош, ҳар бир бутоқни билиб оламан. Бу ерда сиздан жуда қўрқишар экан! Ҳатто банкада ҳам сиздан бунчалик ҳайиқишмайди. Икки марта Гроднода — молия бошқармасида бўлдим. Рабинович донасига 700 злотийдан беряпти. 30 дона бузоқ олмоқчи, лекин ҳақини Белостокдаги Кугель банкаси ҳисобида бўлган «Натан Гольдер ва К°» фирмаси векселлар билан тўлайман, деяпти. Битимни расмийлаштиришга рози бўлсангиз, телеграф орқали хабар қилишингизни сўрайман. Касперскийнинг айтишига кўра, бу векселларга ишонса бўлармиш.

Сиз хатингизда тилга олган Хеллни танимайман, у ҳақида ҳеч нима эшитмаганман. Менимча, безовта бўлишга асос бўлмаса керак. Лекин эҳтиёткорлик ҳеч қачон ҳалал берган эмас. Шу боисдан ҳам, яхшиси, Нинага, Хеллнинг таносил касаллиги бор экан, деб айтинг. Шундан сўнг қайлиғингиз унга илтифот кўрсатишдан чўчиб қолади.

Икки марта Жорж Понимирскийнинг павильонида бўлдим. У қаттиқ бетоб экан. Докторнинг айтишича, зотилжам бўлганмиш. Иситмаси жуда баланд, мени мутлақо танимади, нуқул алаҳлайди. Ўлиб қолмаса деб қўрқаман. Куницкийнинг асфаласофилинга кетганини эшитгач, хурсандлигидан пальтосини киймай паркка югуриб чиққан экан. Паркда у ёқдан-бу ёққа югуриб, алланималар деб қичқирибди. Бечорага раҳмим келади!»

Кейин Кшепицкий даромад ва харажатлар ҳақида ҳисобот бериб, Никодимдан шпал сотиш масаласини бир ёқли қилишни сўраган ва тезда бир-икки кунга Варшавага келажагини хабар қилган эди.

Никодим хурсанд эди. У машинисткага телеграмма текстини ёздириб, Кшепицкийнинг ўзи ишонар экан, векселларни олаверишни буюрди. Сўнг Пшеленскаяга телефон қилиб, пешинда уникига бориб овқатланажагини айтиб қўйди.

Пшеленскаяникида Дизма беканинг ўзи ва Нинадан ташқари Никодим илгари учратган, лекин ҳозир фамилияларини унутиб қўйган икки йигит билан Мариетта Чарскаяга дуч келди.

Никодим одатдаги салом-аликдан сўнг сўради:
— Қамоққа олиш ҳақидаги гапни эшитдингизми?
— Қанақа қамоқ?
— Билмаймиз.
— Кимни қамоққа олишибди?
— Ҳозирги замонда ҳеч кимга ишониб бўлмайди, — деди бош чайқаб Дизма. — Бўлмасам дурустгина одамга ўхшаб кўринган эди-я!
— Кимни айтяпсиз? — сўради ортиқ чидаёлмай Пшеленская.
— Кимни бўларди? Анови Оскар Хеллни-да.
— Кимни дедингиз? — дея қайта сўради безовтзланиб Нина.
— Хеллни, — такрорлади Дизма унинг юзига тикилиб.
— Бўлиши мумкин эмас! Оскарни-я?!

Дизма шошилмай чўнтагидан газетани олди-да, қизил қалам билан чизиб қўйилган жойни кўрсатиб, уни Пшеленскаяга узатди.

Хоним хабарни товуш чиқариб ўқиб чиқди. Сўнг хўрсиниб хитоб қилди:
— Буни қаранг-а! Ё парвардигор!

Нина газетани олиб, ҳалиги жойга кўз югуртирди. Унинг жуда руҳи тушиб кетган эди.
— Энди ҳеч кимга ишониб бўлмайди! — деди ибратомуз оҳангда Пшеленская.
— Қандай қабоҳат! — деди ичидан хўрсиниб Нина. — Одамларнинг бари разил, қаёққа қарама қабоҳатни кўрасан!
— Жудаям олиб қочмаслик керак, — дея вазминлик билан эътироз билдирди Дизма.

Шундан сўнг Хелл ҳақида суҳбат бошланиб, деярли ҳаммаси унинг хатти-ҳаракатлари илгари ҳам шубҳали туюлганини гапира кетишди.

Нина уларнинғ гапига қулоқ солмай қўйганди. У фақат бу фоний дунёнинг жаҳолатга кўмилганлиғи ва ўзининг ҳамма ёқдан берилиши мумкин бўлган зарбалар олдида қанчалик ожиз экянлигини ўйлаб азоб чекарди. Сўнгра у Дизмага тикилиб қарай бошлади. Сочлари хиёл жингалак, юзи тўрт бурчак, бурни бир оз пучуқ, оғзи кичкина, пастки жағи яхлит Никодим анча новча кўринарди. У одатда қадамини кенг ташлаб, чайқалиб юрарди.

«Бундай қараганда, оддий одам, — дея ўйларди Нина, — бироқ ана шу қиёфа замирида чексиз куч, кўз илғамас қудрат яширинган. У бу куч-қудратни қачон ва қаерда сарфлашни жуда яхши билади. Ник... менинг Никодимим...»

Атрофидаги одамларнииг суҳбатига жилмайиб қулоқ солаётган бу одам, унга бир зум бегона бўлйб кўринган бу давлат арбоби, бу улуғ иқтисодчи аслида ўзининг Никодими эканлигини ўйлаб Нина ҳатто ҳайратта тушди; ҳа, Никодим унинг қаллиғи, кўп ўтмай эри бўлади... Унинг тақдири шу одамнинг қўлида бўлади, уни ўз қаноти остига олиб, офатлардан муҳофаза этади... Никодим бу вазифани ҳаммадан яхши бажаради. У саҳродаги эҳромга ўхшайди, уни ҳеч қандай тўфон ағдара олмайди... Хелль ҳам чинакам эркак эди, бироқ...

У Хеллни ўйламасликка уринди.

Хизматкор овқат тайёр эканлигини хабар қилди. Дастурхон устида улар у ёқ-бу ёқдан гаплашиб ўтиришди. Овқатдан сўнг Дизма билан ёлғиз қолгач, Нина унинг қулоғига шивирлади.
— Севаман, жуда севаман.

Никодим унинг қўлини ўпди.
— Ник... Бугун сеникига борамизми?
— Ўзинг шуни истайсанми? — дея сўради қувлик билан Дизма.

Нина лабини тишлаб, унга кўзини сузиб қаради-да, шивирлади:
— Жудаям, жудаям, жудаям...

Унинг ранги оқара бошлади, Никодим бунинг сабабини яхши биларди.
— Уч кундан бери бирга бўлганимиз йўқ.
— Яхши, — бош ирғади Никодим, ичида эса: «У-ҳў, иш зўр бўладиганга ўхшайди-ку!» — деб қўйди.

Улар соат саккизларга яқин уйдан чиқишди. Нина холасига, операга борамиз, деб айтди-да, сўнг Никодимга кула-кула нима учун худди операни танлаганини тушунтирди — бугун «Африкалик аёл» қўйилаётган бўлиб, у ярим кечадан ошганида тугарди.
— Ниночканг жуда айёр-а, тўғрими?
— Хо-хо!..

Никодим дарвозахонада Нинанинг қадам товуши тингунича кутиб турди-да, сўнг чўнтагидан соатини чиқариб қаради. Соат ўн иккидан ошган эди. У уйга қайтишга жазм қилди.

Банкага йигирма қадамча қолганида у Манькани кўриб қолди. Қиз, чамаси уни кутаётган бўлса керак, фонарь устунига суяниб турарди.

Ннкодим қовоғини солди. У Манькани кўрмаган киши бўлиб ўтиб кетмоқчи эди, қиз унинг йўлини тўсди.
— Хўш, нима керак сенга? — дея тўнғиллади Дизма.
— Никодим...
— Нима керак, деяпман?!
— Никодим... Жаҳлинг чиқмасин... Сенсиз яшаёлмайман.
— Аравангни тортсанг-чи! Тупурдим сенга! Қўп тирғилаверма, мочағар. Нақ тумшуғингга соламан!

Манька унга қўрқувдан жавдираб қаради.
— Нега энди, Никодим? Сенга нима ёмонлик қилдим?
— Жонимга тегдинг.
— Сени севаман ахир, ўзинг ваъда қилган эдинг...
— Тупурдим ўша ваъдага, билдингми?! Сенгаям тупурдим! У ёғини сўрасанг фоҳиша, яна ёпишишига бало борми! Лаънати!
— Никодим!
— Йўқол, мочағар!

Шундай дея Дизма Манькани итариб юборган эди, қиз гандираклаб, ифлос қорга ниқилди.

Қиз ўрнидаи турмади. У банка томон йўл олган Никодимнинг ортидан индамай қараб турарди.
— Ҳали шунақами?!

Манька совуқдан қотиб қолган қўллари билан юзини ёпиб, ҳўнг-ҳўнг йиғлай бошлади.
— Фоҳиша... мочағар... ланъати деди-я...

Сўнг у ўрнидан сакраб турди-да, Дизманинг ортидан мушт ўқталди.
— Ҳали қараб тур!

Шундай дея Манька пальтосидаги қорни қоқиб ташлаб, Маршалковская томон югуриб кетди.
— Кўрасан ҳали, қараб тур!.. Меники бўлмас экансан, унга ҳам насиб қилмайсан. Энди кўрасан мендан!

Унинг аъзойи баданини интиқом туйғуси қамраб олганди.

Эшик олдида турган полициячи ундан, сенга нима керак, деб сўраганида Манька сира ҳам иккиланиб ўтирмади.
— Бир нусханинг жинояти тўғрисида хабар қилмоқчиман.
— Хабар қилмоқчиман дейсанми? Майли, навбатчининг олдига бор. Ҳув анови эшикдан кирасан.

Ўртасидан панжара билан ажратилган кенггина хонага киргач, Манька стол ёнида ўтирган амалдор олдига югуриб борди.
— Нима гап? — деб сўради навбатчи. У ёзишда давом этаркан, бошини кўтариб Манькага қарамади ҳам.
— Бир нусханинг жинояти тўғрисида хабар қилмоқчиман.
— Хўш? — пинагини бузмай тўнғиллади навбатчи.
— У май ойидаёқ бир жуҳудни гумдон қилган эди. Анчагина пул ўмарганди. Ўшанда пулни ўзи менга мақтаниб кўрсатган эди. Энди Вспульнаядаги банкани урмоқчи.

Полициячи қўлидаги қаламни бир четга қўйиб, Манькага дурустроқ қаради.
— Банка дейсанми?.. Ким экан у?
— Дизма. Никодим Дизма.
— Буни қаёқдан биласан?
— Биламан-да.
— Отинг нима?
— Манька Бартик.
— Қаерда турасан?
— Луцкая кўчаси, ўттиз олти.
— Нима иш қиласан?
— Кўча қизиман, — дея жавоб қилди Манька бир оз иккиланиб тургач.
— Нега уни чақяпсан!
— Бу ёғи менинг ишим.

Полициячи унинг фамилияси билан адресини ёзиб олди.
— Вспульнаядаги банкани уриб кетмоқчи дейсанми?
— Ҳа.

Полициячи телефон трубкасини олиб номерни айтди.
— Бунақа ишда ҳазил қилиб бўлмаслигини биласанми? Агар ёлғон гапирган бўлсанг, сени қамашади.
— Биламан.

Полициячи Манькага диққат билан тикилди. Қиз лаблари қимтиб, хотиржам қараб турарди. Шу боисдан у қизнинг ёлғон гапирмаётганига ишонч ҳосил қилди.
— Ўша Дизманг ҳозир қаерда?
— Банкада.
— Нима?!
— Унинг банкага кириб кетаётганини ўз кўзим билан кўрдим. Дарбон уни ичкарига киритиб юборди.
— Пан комиссар уйдамилар?.. Илтимос, уйғотинг. Муҳим иш бор. Навбатчи Каспарский гапиряпти.

Тезда трубкани комиссар олди. Полициячи унга Маньканинг гапини хабар қилди.
— Қизни тутиб туринг, — дея буюрди комиссар. — Ҳозир бориб, уни ўзим сўроқ қиламан.

Навбатчи трубкани жойига қўйди-да, Манькага девор олдидаги скамейкани кўрсатди. — Кутиб тур.
— Яхши.

Манька скамейкага ўтирди. Ҳали қараб турсин, кўрсатиб қўяди унга!

Бу орада Никодим ўрнида чўзилиб, газета ўқиб ётарди. Телефон жиринглаб қолди.

Никодим сўкиниб қўйди-да, ўрнидан турмасликка аҳд қилди. Бироқ телефон тинмай жиринглайверди.
— Ким экан, жин ургур?!

Дизма каравотдан сакраб турди-да шиппагини ҳам киймай кабинетга ўтиб, қоронғида стулга қоқилиб кетди.
— Алло!
— Пан раис Дизма билан гаплашсам бўладими?
— Бу менман. Кимсиз ўзингиз?..
— Комиссар Яскульскийман.. Саломатмисиз, пан раис. ...
— Салом. Хўш, нима гап?
— Бевақт безовта қилганим учун мени кечирасиз, пан раис. Муҳим иш чиқиб қолди.
— Қулоғим сизда....
— Комиссариатга Бартик фамилияли бир фоҳиша мурожаат қилди. Унинг айтишича, сиз ғалла банкасини ўмариб кетмоқчи эмишсиз.
— Нима?

Комиссар кулиб юборди.
— Телбага ўхшамайди, гапида қаттиқ туриб оляпти. Сиз уни танийсизми?
— Йўғ-е, нималар деяпсиз
— Тушунарли... Уни тутиб туришни буюрдим. Аввалига маст деб ўйладим, йўқ, маст эмас экан. У сизнинг раислигингизни билмас экан. Буни унга айтдим, бироқ у гапини қайтиб олмади. Негадир сиздан хафага ўхшайди... Сиз чиндан ҳам бир вақтлар Луцкая кўчасида истиқомат қилганмисиз?
— Худо сақласин! У ерда хеч качон турган эмасман.
— Ўзим ҳам шундайдир деб ўйловдим, — дея унинг гапини илиб кетди комиссар. — Сиз куляпсизу, лекин унинг айтишича, май ойида аллақандай яҳудийни ўлдириб, пулини олган эмишсиз. У ҳатто сиз унга ўғирлик иулни кўрсатган меҳмонхонани ҳам айтди.
— Нима бало, миясини еб қўйибдими!
— Мен ҳам шуни айтяпман-да, пан раис. Уни нима қилишни билмай қолдим.
— Қувиб юборинг.
— У гапида қаттиқ туриб олиб, протокол ёзишни талаб қиляпти. Агар ишга расман ёндашилса, мен унинг илтимосини қондиришим керак.
— Нима кераги бор? — дея шошилиб эътироз билдирди Дизма. — Протокол ёзишнинг ҳожати йўқ.
— Тушунаман, пан раис. Протокол ёзиб, кейин сохта гувоҳлик бергани учун жавобгарликка тортиш мумкин.
— Ҳожати бормикин?
— Уч ойча ўтириб чиқади.
— Кераги йўқ. Унга айтинг — хоҳлаган томонига кетсин.
— Рози бўлмайди. Жуда қайсар экан, лаънати!
— Ҳаммаси сизнинг қандай маслаҳат беришингизга боғлиқ.
— Тушунмадим, пан раис.
— Сиз полициячиларнинг ўз усулларингиз бор-ку ахир...
— Э-ҳа! — дея жавоб қилди комиссар. — Ҳаммасини тўғрилаймиз, пан раис. Саломат бўлинг! Безовта қилганим учун яна бир бор кечирасиз.
— Ҳечқиси йўқ! Сиздан ғоят миннатдорман. Ўрни келиб қолганда сизни унутмайман, комиссар.

Комиссар тилёғламалик билан миннатдорчилик изҳор қила бошлади. Сўнг трубкани жойига қўйиб, кўнғироқ тугмасини босди. Эшикда полициячи пайдо бўлди.
— Уни бу ёққа олиб кир!
— Ана кўрдингми, гапларингни ҳаммаси ғирт ёлғон экан. Сени қамаймиз.

Комиссар қизнинг жавобини кутди, бироқ Манька индамай тураверди.
— Сенга ачинаман. Ҳали ёш экансан. Яхшиликча айтяпман, гувоҳлигингни қайтариб ол.
— Қайтариб олмайман, — сира тап тортмай жавоб қилди Манька. — Майли, қамалсам камала қолай.

Комиссар ўрнидан сапчиб туриб, столни муштлаганича қичқирди:
— Ҳа, ланъати! Қайтариб оласан! Мен қайтариб оласан дедимми, демак, қайтариб оласан.

Қомиссар ғазаби қайнаб, хонада у ёқдан бу ёққа юра бошлади. Сўнг Маньканинг олдига келиб тўхтади.
— Хўш? Қайтариб оласанми?
— Йўқ, — жавоб қилди Манька лабини тишлаб
— Валясек, — дея полициячини чақирди комиссар, — уни орқа хонага олиб борингларда, нуфузли чиновниклар устидан сохта гувоҳлик беришнинг қанақа бўлишини тушунтириб қўйинглар.
— Хўп бўлади, пан комиссар.

Полициячи қизнинг қўлтиғидан тутиб, коридорга олиб чиқди.

У узоқ, жуда узоқ сургалиб юрди. Қуёш аллақачон кўтарилган бўлиб, кўчалар борган сайин гавжумлашмоқда эди. Манька қоқила-суқила гандираклаб борарди. Йўловчилар унинг ортидан қараб қолишарди.. Ёши ўтиб қолган қандайдир хоним нафрат билан деди:
— Туф-е! Беҳаё! Ичиб олганини қаранг-а!. Манька индамай кетаверди.

18-боб

Жиддийлик ва башанглик, яхши дид ва нафосат — бу фазилатларнинг бари адвокатнинг ҳашам билан жиҳозланган кабинетида мужассамлашган эди. Кабинет соқоли тўрт бурчак қилиб қайчиланган, сочига оқ оралаган, қўйди-чиқди ишларининг пири сифатида ном чиқарган, шаҳар муниципал кенгаши аъзоси, ҳазрати олийлари камергерининг хусусиятларини худди кўзгудай ёрқин акс эттириб турарди.

Ёзув столи ёнида хўжайиннинг қаршисида ўтирган Никодим унинг ҳар бир сўзига диққат билан қулоқ солмоқда эди. Кабинет эгаси эса тинмай гапирарди. Унинг хотиржам ва оҳиста гаплари тинчгина оқаётган дарёни эслатарди.

Адвокатнинг тепасида кенг зарҳал ромда рим папасининг катта портрети осиғлиқ турарди.

Адвокат стол тортмасини очиб, қандайдир папкани олди-да, бир зум ҳам гапиришдан тўхтамай, ундан пергаментга ёзилган тўрт буклоғлик ҳужжат чиқарди.

Ҳужжатга шоҳи тизимча билан икки дона катта-катта мум муҳр осиб қўйилганди. Адвокат улардан бирини ихлос билан ўпди-да, ҳужжатни Дизмага узатди.

Ҳужжат лотин тилидан ёзилган эди, аммо шунга қарамай Дизма унда нималар ёзилганини яхши биларди.

Бу Нинанинг никоҳи бекор қилингани тўғрисидаги гувоҳнома эди.

Энди қоғоз қўлига теккач, Дизма бу ишлар ўзига анча қимматга тушгани тўғрисида ўйланиб қолди.

«Қизиқ, адвокат эиди қанча сўраркин?» дея хаёлидан ўтказди у.

Адвокат гўё унинг саволига жавоб берганидек, папкадан бир варақ қоғоз олди-да, тилла суви югуртирилган қалам билан аллақандай рақамларни ёзиб, деди:
— Менинг гонорарим тўрт минг икки юз злотий.

Дизма ҳатто ўтирган жойида сапчиб тушди.
— Қанча дедингиз?
— Тўрт минг икки юз злотий, пан раис.
— Ҳазиллашяпсиз чоғи?! Мен нари борса икки минг злотий бўлса керак, деб ўйловдим!..
— Пан раис, менинг одатда оладиган гонораримни тўлашингиз ва бундан ташқари, қўшимча харажатларни қоплашингиз шарти билангина бу ишга қўл уришимни сизга бошидаёқ айтиб қўйган эдим.
— Аммо тўрт минг злотий жуда кўплик қилади! Жами бўлиб бу иш менга олтмиш мингга тушяпти ахир!
— Бир нарсани унутманг, пан раис, бошқа биронта ҳам адвокат бу шароитда никоҳни бекор қилдира олмаган бўларди. Мен гувоҳларнинг қўшимча маълумоти учун анча пул сарфлашга мажбур бўлдим.
— Лекин у гувоҳлар аллақачон ўлиб кетган-ку!

Адвокат энсаси қотиб илжайди.
— Бу гапингиз тўғри. Лекин марҳумларнинг гувоҳлиги тирикларникидан арзонроқ туради деб ўйлайсизми?..

Никодим гапини тушунди.
— Демак? — дея сўради у.
— Демак, — деди гапни илиб адвокат, — шундан бошқа чора йўқ эди.

Никодим чўнтагидан бир даста пул олди-да, керакли ақчани санаб бериб, ўрнидан турди.

Мижозини даҳлизга қадар кузатиб чиққан адвокат унга яна қандай расмиятчиликларни бажариб, гражданлик ҳолати китобига қандай ўзгаришлар киритиш лозимлиги ҳақида узоқ гапирди-да, сўнг сиполик билан таъзим қилиб хайрлашди.

Адвокатнинг уйидан чиққач, Никодим тўғри Нинанинг олдига равона бўлди.

Унинг димоғи чоғ эди. Сўнгги кунларда унинг ишлари жуда юришиб кетганди. Манька кўча-кўйда кўринмай қолганди. Дизма аввалига, лаънати қиз яна полиция ёки прокурорга бориб чақмаса гўрга эди, дея безовта бўлиб юрди. Аммо, бахтига Манька дамидан тушиб қолганга ўхшайди.

Энди Никодимнинг қўлида Нинага уйланиб, Варшавадан жўнаб кетишга имкон берадиган ҳужжат бор эди.

Бугун эрталаб у телеграмма олди: унда Кшепицкий шаҳарга келишини хабар қилган эди. Ҳозир Кшепицкий Никодим учун жуда зарур эди, чунки чоршанба куни Министрлар Совети қошидаги иқтисодий комитетнинг мажлиси бўлиши керак эди. Кун тартибига муҳим бир масала қўйилган бўлиб, мажлисда молия министри ғалла запасини чет элга сотишни талаб қилмоқчи эди. Никодим ҳам мажлисда сўзга чиқиб, ё ўша талабни қўллаб-қувватлаши ёки уни рад этиши лозим эди. Аммо қандай йўл тутишни ўзи билмасди. Шу боисдан ҳам Кшепицкийнинг келиши унга жуда қўл келарди.

Сўнгги пайтларда Никодим газеталар баҳслашаётган у ёки бу масала хусусида ўз фикрини айтишга журъат эта бошлаган эди.

Одатда у ўзига тўғри бўлиб кўринган фикрларга қўшиларди-да, сўнг ўни ўзиники қилиб кўрсатарди. Бироқ энди бўлажак иш мутлақо сир тутилиши лозим эди.

Пани Пшеленская хонадони нотинч эди. Беканинг юзи кўпчиб кетганди, Нинанинг ранги эса оппоқ эди.
— Нима гап? — сўради ажабланиб Никодим.
— Эҳ, пан раис, — бидирлай кетди Пшеленская, — уни қарангки Хеллни қамоқдан чиқариб юборишибди.
— Уни англашилмовчилик сабабли қамашган экан, — дея шошилиб қўшимча қилди Нина. — Ундан кечирим сўрашибди. Сира айби йўқ экан.

Дизма ҳурпайиб, қовоғини солди.
— Юрагим тарс ёрилиб кетади деб ўйловдим, — дея давом этди қўлларини силкитиб пани Пшеленская. — Тавба, ярим соат бурун менга Янек Карчевский қўнғироқ қилди. Уни танийсиз, теннисчи. Хелль Карчевскийга телефон қилиб, бу англашилмовчилик оқибати эканини, бу ҳақда бизга, Чарскийларга ва, умуман, ҳаммага айтиб қўйишни сўрабди. Бу ҳам етмагандай, у Янекка бизникига келиб, аҳволни шахсан тушунтириб қўймоқчи эканини ҳам айтибди. Бунисига нима дейсиз?! Нима қилишни билмай қолдим... Шундай одамни қабул қилиш мумкинмикин? Ахир у жосусликда айбланиб, қамалиб чиққан-ку!
— Ҳа, лекин айбнома ёлғон бўлиб чиқди-ку, — ҳайиқибгина эътироз билдирди Нина.
— Нима қилсак экан?! Пан раис, сиз нима дейсиз? Бу иш ҳақида бирон нарса эшитгандирсиз ахир?

Никодим ўзини жиддий қилиб кўрсатишга уринди.
— Менда аниқ маълумот бор. Хеллни барча далилларни ўз вақтида йўқотиб юборгани учунгина қўйиб юборишяпти.
— Нималар деяпсиз, пан раис!
— Ҳа, ҳа. Менга бу гапни штабдаги иккинчи бўлимнинг бошлиғи айтди. Хелль большевик жосуслари тўдасининг бошлиғи экан. Уни узоқ кузатишибди. Меҳмонхонадаги номерини тинтишганида унинг айбини исботловчи ҳужжатлар ўрнида бир ҳовуч кул топишибди. Шундан сўнг ундан кечирим сўраб, хўжакўрсинга қамоқдан чиқариб юборишга тўғри келибди. Кейин уни бутунлай қўлга олишармиш. Иккинчи бўлимнинг бошлиғи менга ва давлат сирларидан воқиф бўлган бошқа кишиларга махсус қўнғироқ қилиб, ўша нусхадан эҳтиёт бўлиш кераклигини тайинлади.
— Ундай бўлса қамма гап равшан, — деди Пшеленская.

Нина индамай ўтирарди.

Бирдан қўнғироқ чалиниб қолди. Пшеленская шоша-пиша ўрнидан туриб, ҳар эҳтимолга қарши даҳлиздан меҳмонхонага ўтадиган эшикни ёпиб қўйди.

Шу пайт хизматкор кириб:
— Пан Оскар Хелль келди, — деб хабар қилди.

Шунда Пшеленская даҳлизда ҳам эшитилиши учун баланд овоз билан дона-дона қилиб деди:
— Унга бизнинг уйда йўқлигимизни айтиб қўй. Бундай жаноблар учун биз ҳеч қачон уйда бўлмаймиз.

Эшикнинг тарақлаб ёпилгани эшитилди.
— Одамлар қандай ёвуз бўлишади-я! — деди хўрсиниб Нина.

Никодим сервантдаги қақир-қуқирларни томоша қилаётган киши бўлиб, тескари қаради. Сервант ойнасида у ўзининг илжайиб тургаи башарасини кўриб, янада баттарроқ тиржайди.

Кшепицкий молия министрининг машинкада олти варақ қоғозга ёзилган таклифини диққат билан ўқиб чиқиб, Польша ва чет эл ғалла биржалари бюллетенларини кўздан кечирди-да, елкасини қисди.
— Ҳм... Бу гаплар ҳақида ўзингиз қандай фикрдасиз, пан раис?

Никодим пешанасини тириштирди.
— Қандай фикрдасиз, дейсизми?.. Ҳм. Менимча, бу энг яхши чора бўлмаса керак.
— Энг ёмон чора бу. Бу ўзини ўзи ўлдириш билан баробар. Ҳозирги шароитда ғаллани четга солиш! Бу ишда биз ўттиз процентдан қирқ ироцентгача зарар кўришимиз аввалдан маълум-ку ахир! Бу ғирт телбалик! Ниҳоят, шунча ғаллани хорижий бозорга чиқариб сотиш — уннинг нархини тушириш деган гап. Демак, бизда ҳам ғалланинг баҳоси тушиб кетади. Буям майли-я! Шундан сўнг ғалла облигациялари сариқ чақагаям арзимай қолади.

Никодим бош ирғади.
— Мен ҳам кеча Яшунскийга худди шу гапии айтдим. Унга, бу таклифга қатъиян қарши чиқаман, дедим.
— Тўғри қилибсиз. Сиз мутлақо ҳақсиз, пан раис.
— Лекин мен сизнинг фикрингизни билмоқчи эдим. Фикримиз бир жойдан чиққанидан хурсандман. Бўпти, Кшепицкий, машинисткани чақиринг-да, ўша лойиҳага нисбатан эътирозларимизни ёздиринг. Уларнинг бир адабини бериб қўяй!

Икки соатдан сўнг қоғоз тайёр бўлди. Иқтисодий комитетнинг мажлиси соат еттига белгиланган бўлиб, Дизма билан Кшепицкийнинг ихтиёрида ҳали бир соат вақт бор эди. Улар Коборово ишлари, Никодимнинг тўйи ҳақида гаплашиб ўтиришди.

Никодим ҳаммасидан ҳам тўйдан сўнг Жорж Понимирскийни нима қилишини ўйлаб, гаранг эди. У Нина акасини павильондан уйга кўчириб ўтказишни албатта талаб қилишини яхши биларди.

Жувон бу ҳақда унга бир неча бор айтган эди. Аслида, Дизма бунга қарши эмасди: Жорж Творки га жўнатадиган даражада эмасди, албатта. Бироқ Никодим унинг Оксфорд масаласида валдираб қўйишидан чўчирди.

Турган гап, у ўз ҳадигини Кшепицкийга айтмади. Секретарь эса, ўз навбатида, Нинанинг илтимосини инобатга олиш лозим, деб ҳисобларди. Агар Жорж чидаб бўлмайдиган даражага етса, кейинчалик уни биронта санаторийга жойлаштириш мумкин. Улар шунга келишишди. Кшепицкий Дизмани Министрлар Советига о.либ бориб қўйди-да, ўзи Пшеленскаяникига жўнади.

Узун стол ёнига келиб ўтиргач, Никодим раислик жойига ўрнашиб олган бош мннистрга нутқини бошлаб юборган молия министри ва бошқа аркони давлатларга зимдан кўз югуртириб чиқди. Четдаги кичкина стол ёнида икки стенографист аёл ўтирарди.

Молия министри қисқача қилиб ўз таклифини асослаб берди. Унинг айтишича, бюджетдаги дефицитни фақат запасдаги ғаллани сотиш йўли билангина қоплаш мумкин экаи. Бу орада халқаро аҳвол яхшиланиб, чет давлатлардан қарз олиш имконияти туғилиши мумкин эмиш. Нутқининг охирида министр маълумоти бўйича филолог бўлиб, иқтисодий ҳаётнн фақат сўнгги йилларда орттирган тажрибаси туфайлигина тушунажагини айтди. Министрлик креслосига уни мажбур қилиб ўтказишган экан. Лекин у қўғирчоқ министр бўлишни истамас эмиш ва шу боисдан, агар таклифини рад этишса, дарҳол истеъфога чиқармиш.

Шундан сўнг бош министр сўзга чиқиб, молия министриаи унинг хизматлари ғоят юқори баҳоланишига ва таклифи албатта қабул қилинажагига ишонтирди.

Ҳамма томондан маъқуллаган овозлар эшитилди.

Мажлис пайтида барча министрлар дам-бадам Дизмага қараб қўйишарди. Бироқ Никодим индамай ўтираверди. Ундан бирор ажойиб гап чиқишшш кутиб ўтирган мажлис аҳли янглишмади. Бош министр жилмайганича ундан ўз фикрини айтишни илтимос қилган эди, Никодим ўрнидан туриб гапини бошлади:
— Мени кечирасизлар, гапга чечан эмасман. Қисқача қилиб айтаман. Бу ерда сўз биз ҳақимизда эмас — давлатимиз фаровонлиги тўғрисида кетяпти, сафсата сотиб ўтиришга вақт йўқ. Бу ерда айтилган гапларнинг бари сариқ чақага ҳам арзимайди. Мен ўз декларациямни ўқиб бераман.

Шундай деб у Кшепицкий тайёрлаб берган текстни олиб, ўқишга тушди.

Зал бир зум ҳаракатга келди. Никодим текстни ўқиб бўлган заҳоти молия министри ўрнидан сапчиб туриб, қўлларини ғазаб билан силкитганича норозилик билдира бошлади.

Ғала-ғовур кўтарилиб, мажлисда иштирок этаётган кишилар бир-бирлари билан баҳслаша кетишди. Бироқ бош министр аста-секин уларни тинчитишга муваффақ бўлди. Шундан сўнг одатдаги мунозара бошланди.

Яшунский Дизмага қараб зарда билан деди:
— Нега бугун тўнингизни бундай тескари кийиб олдингиз? Ахир ўтган куни менга ўзингиз бу таклифга қарши эмаслигингизни айтган эдингиз-ку.

Дизма қизариб кетди.
— Ҳечам шундай деганим йўқ!
— Эҳтимол, шу яхши чора бўлиб чиқар дегандингиз.
— Ёлғон.
— Йўқ, мен эмас, сиз ёлғон гапиряпсиз! — деди қизишиб Яшунский. — Балки, ўшанда бошқачароқ иборалар қўллагандирсиз, бироқ ҳар ҳолда бу лойиҳага қарши эмасдингиз.
— Наҳот тушунмасангиз, касбдош, — деди истеҳзо билан молия министри. — Пан Дизма бизни ғафлатда қолдириш учунгина шундай қилган.

Никодим ўрнидан турди.
— Менинг ортиқ гапирадиган гапим йўқ. Айтишим лозим бўлган гапни айтиб бўлдим. Сиз эса, жаноблар, қандай истасангиз, шундай йўл тутаверинглар.

Министрнинг таклифи қабул қилинди.
— Менга барибир, — деди Никодим ўша куни кечқурун Дшепицкийга, улар Пшеленскаяникидан бирга қайтишар экан, — барибир истеъфога чиқаман.
— Банкага ачинади одам!

Дизма елкасини қисди.
— Сизнинг режангиз ва меҳнатингиз самараси эди у!
— Ҳе, жин урсин ҳаммасини!
— Эртага роса ғала-ғовур кўтариладиган бўлди-да.
— Қанақа ғала-ғовур?
— Матбуотни айтяпман-да. Ахир бу ғирт тентаклик-ку. Кўпгина газеталар сиз томонингизни олишса керак.
— Олишса олишар, менга нима?
— Тўғри, фойдаси, йўқ, аммо эртага... Пан раис, менда бир фикр туғилиб қолди.
— Хўш?
— Эртага истеъфога чиқиш тўғрисида ариза беришингиз учун ажойиб имконият туғилди.
— Ҳожати бормикин? Мен тўйдан олдин ариза бермоқчийдим. Бир неча минг злотийни йўқотишдан нима фойда?
— Агар ўрнингизга дарҳол одам топиша олганида гапингиз тўғри бўларди. Улар сиздек бир одамга дарров жавоб бериб юборишни истамайди, албатта. Бу масала анчага чўзилади. Маънавий жиҳатдан ютишингиз турган гап.
— Хўш, мен нима қилишим керак?
— Буни амалга ошириш жуда осон. Сиз сабабини кўрсатмай истеъфога чиқаётганингизни айтасиз. Шунда ғалла банкасини нобуд қилаётган ҳукуматнинг қарори учун жавобгарликни зиммангизга олишни истамаслигингиз ҳаммага аён бўлади.
— Тўғри!
— Ана кўрдингизми, пан раис. Жамоатчилик фикри сиз томонда бўлади.

Никодим кулиб, Кшепицкийнинг елкасига қоқиб қўйди.
— Жуда қувсиз-да, Кшепицкий!
— Доим хизматингизга ҳозирман, пан раис.

19-боб

Кшепицкийнинг башорати тўғри чиқди. Эртасига эрталаб кўпгина газеталарда баъзи бир дудмол гаплар айтилиб, иқтисодий комитетнинг қарори ҳақида расмий хабар босилди. Оппозиция матбуоти дарҳол бу қарорни қаттиқ танқид остига олди.

Ўша куни Никодим бу воқеанинг нақадар муҳимлигини таъкидлаш учун ёнига Кшепицкийни олиб, бош министр ҳузурига борди ва истеъфога чиқиш тўғрисида ариза топширди.

Бош министр аризани ўқиб чиққач, довдираб қолди. У Дизмадан вазиятни кескинлаштирмай, аризасини қайтариб олишни илтимос қила бошлади. Бироқ Никодим ўз гапида қаттиқ туриб, қарори қатъий эканлигини айтди. У ўрнига одам тайинлангунига қадар вазифасини адо этиб туришга рози бўлди-ю, аммо бош министрга аҳдидан сира ҳам қайтмаслигини айтиб, огоҳлантириб қўйди.

Министрлар Совети саройидаи чиқаётганда Кшепицкий томонидан пан раиснинг истеъфога чиқиш ҳақида огоҳлантирилган учта газетанинг репортёри Никодимни бир неча марта расмга олди.

Бу воқеа соат бирларга яқин содир бўлди, соат иккида эса банкага министр Яшунский келди. У ғоят хафа бўлиб, қўллари қалтираб турарди. У ҳар гапда:
— Худо ҳаққи, ўтинаман, бу ишни қилманг, — деб такрорларди.

Яшунский бу ишнинг ватанпарварликка хилоф эканлиги, унинг истеъфога чиқиши саноат ва қишлоқ хўжалиги доираларида саросима туғдириши; сиёсий характерга эга бўлган кескинлик юзага келиши, кабинетнинг мавқеига путур етиши мумкинлигини айтиб, минг хил баҳона, далил-исбот келтирди. Ниҳоят, министр дўстлигини ўртага солиб, ўзи яъни Яшунский ва унинг ходимларини ҳалокатдан қутқариб қолишни илтимос қила бошлади.

Дизма унга жавоб беришга улгурмасданоқ, молия министри келганини хабар қилишди. Молия министридан сўнг депутат Левандовский, кейин полковиик Вареда, сўнгра Уляницкий, раис Хиршман, князь Ростоцкийлар келишди. Шу пайт телефон жиринглаб қолди: Дизмадан соат бешда Қасрга етиб келишни илтимос қилишди.

Никодимни ҳатто иқтисодий комитетнинг қарорни бекор қилиб бўлса ҳам, истеъфога чиқиш ҳақидаги аҳдидан қайтариш учун барча сафарбар қилинган эди. Бироқ Дизма:
— Ҳеч қачон аҳдимдан қайтган эмасман, — дея ўз гапида қаттиқ туриб олди.

Қабулхонада мухбирлар тўпланишган эди. Дизма бир минутга уларнинг олдига чиқди.
— Гап нимадалигини билмоқчимисизлар? Бўлмасам, билиб қўйинглар: мен истеъфога чиқяпман.
— Нима сабабга кўра, пан раис?
— Маълум сабабга кўра. Айтишим мумкин бўлган гап шу.
— Қарорингиз қатъийми?
— Қатъий бўлганда қандоқ.

Дизма мухбирлар билан бош ирғаб хайрлашди-да, чиқиб кетди.
— Метин одам-да, — деди мухбирлардан бири.
— Жудая-я-ям доно сиёсатчи! — қўшимча қилди бошқаси. — Нима қилишни жуда яхши билади у.

Эрталабки газеталар шов-шувга сабаб бўладиган сарлавҳалар билан чиқди. Сиёсий доираларда тўс-тўполон кўтарилди. Молия министрининг ишдан кетиш ва ҳатто бутун кабинетнинг истеъфога чиқиши тўғрисида миш-мишлар тарқалди. Кшепицкий башорат қилганидек, барча раис Дизманинг истеъфога чиқишига иқтисодий комитетнинг қарори сабаб бўлди, деб ҳисобларди. Аллақаердан унинг декларациясини қидириб топиб газетада эълон қилишган эди, у жамоатчиликда кучли таассурот қолдирди. Айрим газеталарни ҳисобга олмаганда, барча газеталар Дизманинг тарафини олиб, унинг билими, ақли ва қаттиққўллигини кўкларга кўтариб мақтай бошлашди. Улар Никодимнинг циркда айтган гапини ҳам эслаб, таржимаи ҳоли ва фотосуратларини босиб чиқаришди. Суратлар тагига тахминан шундай сўзлар ёзилган эди:

«Мамлакатни иқтисодий кризисда қутқариб қолган машҳур иқтисодчи Никодим Дизма истеъфога чиқиш тўғрисида ариза берганидан сўнг шахсий секретари пан Кшепицкий ҳамроҳлигида Министрлар Совети саройини тарк этаяпти. Бу аризани кабинетнинг ўз илдизига болта уриш сиёсатига қаршн атоқли давлат арбобининг норозилиги деб тушунмоқ лозим».

Ҳатто яқин кунларда Дизмага қарши бўлиб юрган оппозицион газеталар ҳам энди уни оғиз кўпиртириб мақташар ва ҳукуматга ҳужум қилиш учун унинг номидан фойдаланишар эди.

Нина барча газеталарни ўқиб чиқди. Унинг юзига қон тепиб, ҳаяжондан нафаси томоғига тиқилди. Ё парвардигор! Ахир бу унинг Никодими-ку! У қандай буюк одам-а! Нина шу вақтга қадар унинг нақадар улуғлигини тушуна олмагани учун ўзидан хафа эди. У қаллиғи билан фахрлана бошлади.

Никодимдан банкадаги ишингни ташла, деб ўзи илтимос қилган эди. У Дизмани фақат ўзи учун яшашини истарди. Бироқ энди Нина давлат, севимли Ватан шундай ўткир одамдан ажраб катта зарар кўришини англагач, қаллиғидан истеъфога чиқиш ҳақидаги аризасини қайтариб олишини илтимос қилмоқчи бўлди.

Нина даҳлизга югуриб чиқди. У бу оғир дамда Никодимни Ватан тақдирини ўйлаб чуқур хаёлга чўмган, қалбидаги муҳаббат ва бурч ўртасидаги курашдан толиққан, улкан жавобгарликдан қадди букилган давлат арбоби қиёфасида кўраман, деб ўйлаган эди.

Бироқ у Дизманинг қувноқ башарасини кўриб, оғзи очилиб қолди. Шунда Нина, у мени хафа қилмаслик учунгина қайғусини табассум билан ниқоблаяпти, деб ўйлади.

У Никодимни юз-кўзидан ўпиб, ўз хонасига бошлаб кирди. Сўнг, ўзи нимадан юз ўгираётганини яхши тушунса ҳам, Ватан манфаати шуни тақозо этар экан, Кобороводан воз кечиб, Варшавага кўчиб ўтишга рози эканлигини айтди. Эҳтимол, бирон йилдан сўнг Никодимнинг ўрнига биронта бошқа одам топилар, ана ўшанда...
— Энди гапиришга ҳожат йўқ, — дея унинг сўзини бўлди Никодим, — мен Қасрга боргандим, у ерда истеъфога чиқишимга рози бўлишди.
— Лекин шунга қарамай, сен ишингда қолсанг, уларнинг боши осмонға етади.
— Бўлмасам-чи.
— Мамлакатимиз учун ҳам яхши бўлади.
— Турган гап.
— Демак.
— Сиёсатда ҳеч нима тушунмас экансан, Ниночка. Мен тўғри йўл тутдим. Бунинг устига сени жуда севаман, сен билан Коборовода яшашни истайман. Бунинг учун мендан хафа бўлмайсанми?

Нина Никодимнинг бўйнидан қучди.
— Жонгинам, азизим, ундай бўлса...

Шу пайт эшик тиқиллаб қолдм.

Хонага Пшеленская кириб келди. У завқ-шавқ билан тинмай бидирлади. Холаси гапининг охирида ҳаяжон билан деди:
— Жонгинам, Нинуся, сенга шундай одам учраб қолганидаи қандай бахтиёр эканлигингни ҳатто ўзинг ҳам билмасанг керак!

Улар бўлажак тўйни муҳокама қила бошлашди.

Нина Коборово қавмининг кичкинагина ибодатхонасида никоҳдан ўтиб, сўнгра баҳорни Жазоир ёки Мисрда ўтказсак, деб айтди.

Пани Пшеленская Нинанинг кейинги ниятини маъқуллади-ю, аммо аввадисига қатъий қарши чиқди: — Нинуся, тўйни яшириқча ўтказиш бўлмағур гап. Ҳатто ундан ҳам баттар. Бу одобсизлик!
— Нима қилай, холажон? Раҳматлик дадамлар, аёлларни етмиш проценти одоб деган нарсани билмайди, дегучи эдилар. Мен ҳам оддий бир аёлман-да.
— Пан раис сенинг бу ниятингни маъқулламасалар керак деб ўйлайман.. Бундай қилиш мумкин эмас ахир! Сенннг тўйингни Варшавада дабдаба билан ўтказишимиз лозим. Сенинг дўстларинг ҳам, пан раиснинг дўстлари ҳам иштирок қилишлари керак бу тўйда. Mon Dleul! Кимсан, графиня Понимирская атоқли давлат арбобига турмушга чиқяпти ахир! Бунинг нимасини яширасан? Агар сизлар бошқача йўл тутадиган бўлсанглар, мен куйиб, касал бўлиб қолишим мумкин. Пан раис, ўзингиз айтинг ахир...

Никодим пастки лабини чўччайтириб, қошларини чимирди.
— Ўзим ҳам ўйлаб қолдим: нега энди тўйни Варшавада ўтказмаслигимиз керак экан?
— Офарин, офарин, — деди боши осмонга етиб Пшеленская, — мана бу доно одамнинг гапи! Кўрдингми, Нинуся, пан раис менинг тарафимни олишларини аввалдан билардим. Биз катта базм уюштирамиз... Сен қаллиғингнинг оддий одам эмаслигини унутмаслигинг керак, Ниночка...
— Энди у оддий одам, — дея гап қотди Нина.
— Энди, энди! Энди деганинг нимаси? Варшавада ҳамма, кўз очиб-юмгунча у министр қилиб тайинланса керак, деб гапиряпти!
— Қаёқда, — дея қўл силтади Дизма, — жуда ошириб юбордингиз. Лекин пани Пшеленская тўғри айтяптилар: базм уюштириш керак, албатта.

Нина итоатгўйлик билан рози бўлди. Ник шуни истар экан, демак ҳозир айтгиси келмай турган бирор сабаб бўлса керак. Нина ичимдагини топ дейдиган бу одамнинг қалбидагини тушуниб етишга, унинг қанчалик теранлигини англашга ортиқ уринмай қўйганди. У аёллик туйғуси билан бу одамнинг иродаси мустаҳкам эканлигини ҳис этарди холос.
— Саёҳат масаласига келсак, — дея гап бошлади яна Никодим, — менимча, ҳеч қаерга бормаганимиз маъқул.

Никодим пешанасини тириштирганича қўлини қўлига ишқай бошлади. У чет тилларни билмаслиги дарҳол аён бўлиб қолишини ўйлаб бирор хорижий мамлакатга боришдан ўлгудек қўрқарди. Ахир у ерда эсида қолган йигирмага яқин немис сўзлари билан бирор иш қилиб бўлмасди-да.
— Чамаси, сиз пулни чет элга бориб сарфлаш ватанпарварликка тўғри келмайди, деб ўйласангиз керак-да? — деди хушомад билан Пшеленская. — Лекин кўпчилик шундай қилади-ку.
— Ана шундан хафаман-да! Жуда бўлмағур иш бу! «Хорижга кетган ҳар бир тийин пул — Ватан ҳамёнига зарардир буткул», — дея такрорлади Никодим яқинда бир плакатда ўқиган шиорини. — Ғоят бўлмағур иш бу!
— Аммо сизнинг Ватан олдида хизматларингиз катта-ку ахир!
— Худди шунинг учун ҳам мен бошқаларга ибрат кўрсатмоғим лозим. Биз ўз мамлакатимизда ҳам саёҳат қилаверишимиз мумкин.
— Тўғри айтасан, Ник. Чет элни ўйлаб бекор қилган эканман. Биз Закопане, Криница, Бескидига боришимиз мумкин.

Шу пайт остонада хизматкор пайдо бўлди-да, Нинага мурожаат қилиб деди:
— Панна жаноби олиялари, сизни қандайдир пани сўраяпти.
— Мени-я? Ким экан у?
— Кимлигини айтмади. Сизни меҳмонхонада кутяпти.
— Кечирасизлар, — деди Нина. — Чиқиб қарай-чи, ким экан.

У емакхона ва будуарни кесиб ўтиб, меҳмонхона эшигини очди-ю, қичқириб юборди: унинг рўпарасида Кася турарди.

Калтагина пўстин ва мўйна қалпоқ кийиб, лабига папирос қистирган Кася негадир юбка кийиб олган йигитчага ўхшарди.
— Салом, Нина, — деган таниш овоз эшитилди. Нинанинг юзига қон тепди. У нима қиларини билмай қолган эди. Касянинг келиши уни саросимага солиб қўйганди; аёл кўнглининг бир четида хурсанд ҳам эди. У ўзини ҳам, атрофдагиларни ҳам барча гапларни унутганига ишонтириб юрган эди, бироқ энди ҳаммаси ёдида эканлиги маълум бўлиб қолди. Ахир бундай нарсани унутиб бўлармишми?
— Мен билан сўрашгинг келмаяптими? — Кася бир неча қадам олға юриб, Нинанинг ёнига келиб тўхтади. — Эҳтимол, келганимдан хафадирсан?

Нина ҳушига келдй.
— Йўқ Кася, сираям хафа эмасман... Аксинча, жуда хурсандман.

Кася унинг қўлидан тутиб, оҳиста ўзига тортди.
— Йўқ, сен билан бундай сўраша олмайман. Шундай дея у Нинанинг бўйнидан қучиб, лабидан қаттиқ ўпди.

Бу ҳодиса шу қадар кутилмаганда содир бўлдики, Нина шошиб қолди. У фақат бир минутлардан сўнг Касяпинг қучоғидан чиқиб, таънаомуз шивирлади:
— Кася!..

Кася унинг кўзига тикилганича секин деди:
— Кечирасан. Лабларинг ўша пайтдагидан ҳам тотлироқ бўлиб кетибди... Хўш, ўтир ҳам демайсан?
— Кася!

Нина унга кресло суриб берди-да, сўнг ўзи ҳам ўтирди.

Кася пўстинининг чўнтагидан катта олтин портсигар чиқарнб, яна папирос тутатди ва индамай Нииага разм сола бошлади.
— Кўп чекадиган бўлиб қолибсан, — деди Нина.
— Қаёқдан келганимни билишни истамайсанми?
— Адресимни сенга Коборовода беришдими?
— Йўқ, сен ҳақингда менга Оскар Хелль ёзган эди. Сен уни танийсан шекилли?
— Бечора.
— Нега бечора бўлар экан? Билишимча, у жуда бадавлат ва ўз турмушидан хурсанд-ку, — дея ажабланди Кася.
— Билмадим, эшитганмикинсан... Бу ерда у жосусликда айбланиб, қамоққа олинган эди.

Кася елкасини қисиб қўйди.
— Эҳтимол. Бу билан менинг ишим йўқ. Сенинг ҳақингда баъзи нарсаларни хабар қилгани учун ундан миннатдорман, холос... Сен анови қари аблаҳ билан ажралишяпсанми?
— Кася, наҳот сен ўз отанг ҳақида шундай гапирсанг?
— Бу гапни қўй. Демак, ажралишяпсан?
— Ҳа. Тўғрироғи, ажралишиб бўлдим. Бизнинг никоҳимиз бекор деб топилди.
— Жуда оқилона иш қилибсан. Хеллнинг ёзишича, муҳтарам дадамиз Коборовони сенга қолдириб кетибди. Буни сира тушунолмай қолдим. Нечук бу махлуқ бунчалик олижаноблик қилибди? Лекин гап бунда эмас. Мен сени олиб кетгани келдим. Бунинг сенга нафи тегади. Ҳозир Сицилияда айни баҳор.

Нина жилмайди.
— Йўқ, Кася, боролмайман...
— Бу ернинг об-ҳавосн кишини эзиб юборади, у ерники эса одамнинг жонини киритади.
— Бир ойдан сўнг тўйим бўлади, — деди оҳиста Нина.

Кася ўрнидан сапчиб туриб, палиросини кулдонда эзғилади.
— Ҳа-ҳа, демак, бу гап рост экан-да.

Нина индамади.
— Эҳ, бечора чўрилар, кишансиз, жиловсиз туролмайдигаи бўлиб қолибсизлар. Сен ўша Дизмаға тегяпсанми?
— Мен уни севаман.
— Жин урсин, — деди тоқати тоқ бўлиб Кася қўлқопини ғижимлар экан. — Нина, Нина! — деди у сўнгра ёлвориб. — Сен бундай қилмаслигинг керак! Менга нима бўлаётганини сира тушунасанми? Нина? Наҳотки мени сира ҳам севмасанг?! Ўйлаб кўр. ахир!.
— Мени қийнама, Кася, сени қандай яхши кўришимни ўзинг биласан. Лекин сенга айтиб қўяй... сенга очиғини айтиб қўйишни ўз бурчим деб ҳисоблайман... Мен унга ҳам, ўзимга ҳам сен билан ортиқ бирга бўлмасликка сўз берганман...
— Нина, ўтинаман, тўйни кечиктир, менга раҳм қил!.. Ярим йилга, ҳеч бўлмаса уч ойга кечиктир тўйни... Эҳтимол, шунда бу ишинг хатолигини ўзинг ҳам тушуниб қоларсан! Нина, илтижо қиламан сендан, балки у сенга муносиб эмаслигини пайқарсан... Тўйни бир оз кечиктирсанг, бас — сендан ягона илтимосим шу!..

Нина жилмайиб, бош чайқади.
— Янглишяпсан, унга мен муносиб эмасман. Сен уни яхши билмайсан; дарвоқе сен чет элда яшадинг, унинг мамлакатимиз, жамиятимиз олдидаги улкан хизматларидан хабаринг йўқ. Унинг нақадар...
— Эҳ, буниси билан менинг нима ишим бор! — дея унинг гапини бўлди Кася. — Мени фақат сен, сенинг бахтинг, ўзимнинг бахтим қизиқтиради! Нина, Нина, илтимос қиламан сендан... Нина... Нина...

У Нинанинг оёғига йиқилди-да, унинг қўлидан тутиб, ўпа бошлади.
— Тўйни бир оз кечиктир... Ўтинаман...
— Кася, тинчлан, нима қиляпсан ахир?

Қўшни хонадан қадам товуши эшитилди. Кася бўшашиб ўрнидан турди ва секин қўлқопини олди.
— Мен борай, бўлмасам,
— Хайр, — дея жавоб қилди Нина, — мен тўғримда ёмон хаёлларга бориб юрма...

Кася индамай бош ирғади. У Нинага тикилганича бир зум тўхтаб қолди. Бирдан эшик очилиб, хонага Никодим кирди. У аввал ҳайратдан донг қотиб қолди, бироқ дарров эс-ҳушини йиғиб, қўлларини чўнтагига тиқди-да, ижирғаниб сўради:
— Сизга бу ерда нима керак?

Кася нафрат билан унинг бошидан-оёғигача разм солиб чиқди.

Нинанинг ранги оқариб турганини кўрган Дизма бу срда қандайдир гап ўтганини пайқади. Унинг ғазаби қайнаб кетди.
— Сиздан сўраяпман, менинг қайлиғимдан нима истайсиз? Хўш!
— Ник! — дея уни тинчитмоқчи бўлди Нина.
— Бу ерда пишириб қўйибдими сизга? Кўришни истамайман сизни...

У гапини тугатишга улгурмади: Кася истеҳзо билан кулди-да, тескари бурилиб эшикни шарақлатиб ёпганича чиқиб кетди.
— Сенда нима иши бор экан? — сўради бир оз жим тургач Никодим.

Нина йиғлаб юборди. Дизма ундан бир оғиз ҳам сўз эшитмай, ғазабидан стулларни тепганича меҳмонхонада у ёқдан-бу ёққа юра бошлади.

Шу пайт пани Пшеленская келиб қолди, лекин келин билан куёв аразлашиб қолишибди шекилли, деган хаёлга бориб, дарҳол меҳмонхонадан чиқиб кетди.

Орадан бир оз вақт ўтгач, Нина тинчиб қолди, бироқ қаллиғига ҳеч нима айтмади. У фақат Никодимга, сенга содиқлигимга ишонавер, Кася ҳам энди сира қайтиб келмайди деди, холос.

«Ана энди, керак бўлса тушуниб олавер, — дея ўйларди боши қотиб Дизма. — Чиндан ҳам бу хотинларнинг мияси айниб қолган кўринади».

20-боб

Ҳамма ҳаяжонда эди. Стол ва стуллар чиқариб ташланган мажлислар залига банканинг бутун ходимлари йиғилганди.

Олдинда директор, уиинг ортида икки ўринбосари, сўнгра бўлим бошлиқлари ва ниҳоят — бошқа хизматчилар туришарди. Улар оҳиста гаплашишмоқда эди. Бир пайт эшик очилиб, раис кириб келди.

Бошлиқнинг дилидан нималар кечаётганини тушунмоқчи бўлган юзлаб кўзлар унга тикилди, бироқ, Дизманинг бездай қотиб қолган юзидан ҳеч нимани билиб бўлмасди.

Раис бир йўталиб олди-да, гап бошлади:
— Муҳтарам жаноблар, мен сизларни бу ерга хайрлашиш учун таклиф қилдим. Ўз лавозимингизда қолинг, деб илтимос қилишаётган бўлишса-да, мен кетяпман. Эҳтимол, бунинг сабабини биларсизлар, эҳтимол, билмассизлар, лекин бунинг аҳамиятн йўқ. Ишдан кетар эканман, доим сидқидилдан меҳнат қилиб ўз бурчингизни яхши бажарганингиз ва мазкур банканинг асосчисига — менга ишларни ибрат оладиган даражада бошқариб боришимга кўмаклашгаиингиз учун сизларга ўз миннатдорчилигимни изҳор қилмоқчиман. Ўйлайманки, мени яхшилик билан эслаб юрасизлар, сизларга оталарча меҳрибонлик қилдим ва — мақтанмасдан айтишим мумкин, — кўпчилигингиз менинг раҳбарлигимда анчагина нарсаларни ўрганиб олдингиз. Ўрнимга ким тайинланишини ҳали билмайман. Лекин бир нарсани айтиб қўяй: сизлар мени қандай иззат қилган бўлсангиз, уни ҳам шундай ҳурмат қилиншнгиз лозим. Бошлиқларни доим ҳурмат қилиш керак. Дарвоқе, у одам машҳур давлат арбоби бўлмаслиги ҳам мумкин; эҳтимол, у мен яратган нарсани барбод этар. Бироқ бошлиқ доим бошлиқлигича қолади. Севимли Ватанимиз равнақи йўлида меҳнат қилишни давом эттираверинг. Давлат сизларга ҳақ тўлар экан, у ҳаққа яраша унга фойда келтиринг. Сизларни ташлаб кетаётганимдан ғоят афсусланяпман. Чамаси, анча қаттиққўллик қилдим, нима қилай, феъл-атворимнинг ўзи шунақа, лекин сизларни чин кўнглимдан яхши кўриб қолдим.

Никодим дастрўмолини олиб, бурнини қоқди.

Сўнгра директор сўзга чиқиб, узундан-узоқ гапирди, раис Никодим Дизманинг хизматлари, унинг ташкилотчилик қобилияти, қўл остидаги одамларга доимий хайрихоҳлигини, кўкларга кўтариб мақтади. Гапининг охирида, у шахсан ўзи ва залга йиғилган барча хизматчилар номидан шундай доно раҳбардан ажралаётганликлари учун жуда афсусланаётганларини айтди. Сўнг у кучли «виват» садолари остида раисга ёзув столи учун олтин суви югуртирилган ажойиб чарм бювар топширди. Бюварнинг муқовасига каттагина кумуш тахтача ёпиштирилганди. Тахтачанинг юқори қисмига Никодимнинг портрети, пастига банка биносининг расми солинган бўлиб, ўртасига адрес ёзилган эди:

Давлат Ғалла Банкасининг Асосчиси,
Ташкилотчиси Ва Унинг Биринчи Раиси,
Машҳур Экономист Никодим Дизма Пан
Жаноби Олийларига Миннатдор

Ходимларидан

Адрес тагига кўплаб имзолар чекилган эди.

Бутун тантана давомида пан раиснинг шахсий секретари айтилган гаплар мазмунини ёзиб борди. Сўнгра ҳали адресни кўчириб олди-да, чиновниклардан бирига газеталарга юбориш учун керакли нусхада машинкалатишни буюрди.

Унинг ўзи жуда шошилиб турганди, чунки ҳали у Дизма билан бирга фрак кийиб, Министрлар Советининг раиси Никодим шарафига бераётган хайрлашув зиёфатига етиб бориши лозим эди.

Бу орада Дизма ходимларнинг ҳар бири билан қўл бериб хайрлашди.

Саройда Никодимга хушхабар айтишди: зиёфатдан олдин унга орден топширилар экан.

Зиёфат пайтида Никодимнинг номига жуда кўп мақтов гаплар айтилди, чунки жамоатчилик олдида Дизманинг истеъфога чиқишини бир оз пардалаш лозим эди.

Зиёфат охирида Уляницкий ўрнидан туриб, ҳазил-мутойиба билан бугунги тантананинг қаҳрамони графиня Нина Понимирская билан никоҳдан ўтажагини мажлис аҳлига маълум қилиб қўйиш ўзига топширилганлигини айтиб, барчани ушбу базми жамшидга таклиф қилиш шарафига муяссар эканлигини эълон қилди.

Бу таклиф олқишлар билан қарши олинди: ҳазил-ҳузул гаплар, саволлар эшитила бошлади; бўлажак тўй ҳеч кимга янгилик эмасди.

Зиёфатдан сўнг яна тантанали мажлис бўлиб, унга тағин анча-мунча меҳмон келди.

Барча суҳбатлар раис Дизманинг истеъфога чиқиши ва бунинг оқибати нима бўлиши мумкинлиги ҳақида борарди. Биржада ғалла банкаси облигацияларининг нархи тушиб кетгани ҳақидаги ташвишли хабар одамларнинг эътиборини ўзига тортарди. Оптимистлар, бу шунчаки Дизманинг истеъфога чиқкши натижасида юзага келган асабийлашиш, облигацияларининг нарҳи ҳали яна кўтарилади, дейишар, бироқ пессимистлар, ҳаммаси барбод бўлмаса гўрга эди, дея ташвишланишарди. Бу масала юзасидаи Дизманинг ўзига мурожаат қилишган эди, у елкасини қисиб, деди:
— Ҳукумат ўз истагича йўл танлади. Бунинг оқибати нима бўлишини билмайман.

Турган гап, одамлар буни, кризисни башорат қилиш, деб тушунишди. Сўнгги ойларда бусиз ҳам вазият анча кескинлашиб, иқтисодий муваффақиятсизликлар содир бўлиб турган эди. Шу боисдан ҳам ҳукуматнинг қулаши эҳтимолдан узоқ эмасди. Бу шароитда машҳур ташкилотчи, кучли ирода соҳиби, ҳукуматнинг чоралари билан келиша олмагани туфайли ижтимоий ҳаётдан четлашаётган раис Дизма барчанинг диққатини ўзига жалб этган эди.

Мухбирлардан бири Дизмадан, агар кабинет қуласа, сиз янги ҳукумат составида бирор министрлик лавозимини эгаллашга рози бўлармидингиз, дея сўраган эди, Никодим қатъий жавоб қилди.
— Йўқ. Мен қишлоққа бориб, хўжалик ишлари билан шуғулланаман.

Бу жавоб дарҳол барча салонларга тарқалди, бироқ шунга қарамай ҳеч ким Дизмага ишонмади.

21-боб

Костёл олдидаги майдон ва қўшни кўчаларни оломон босиб кетди. Йигирма икки карета, юздак ортиқ автомобиль ҳам шу яқин ўртада эди. Трамвайлар тўхтаб қолди. Икки қатор бўлиб саф тортган полициячилар ҳангаматалаб кишиларни аранг тўсиб туришарди. Костёл эшиги олдидаги зинага қизил гиламдан поёндоз солинганди. Кираверишда полициячилар таклифномаларни тскшириб туришарди. Очиқ эшикдан костёлнинг юзлаб чпроқлар шуъласига чўмган ва беҳисоб гулдасталарга бурканган ички жиҳозлари кўриниб турарди..

Бирор автомобиль ёки карета пояндоз олдига келиб тўхтаган заҳоти оломон келган одамни дарҳол танир ва ғовур-ғувур қилганича:
— Князь Ростоцкий... Италия элчиси... Министр Яшунский... — унинг номини такрорларди.

Башанг кийинган хонимлар, ялтироқ мундир ёки фрак кийган эркаклар бирин-кетин костёлга кириб боришарди. Ҳамма ёқни атир-упа, гул ва бензиннинг ҳиди тутиб кетган эди.

Костёл одамга тўлиб кетганига қарамай, машиналар ҳамон келиб турарди.

Мана, пояндоз олдига ажойиб лимузин келиб тўхтади. Ундан Никодим Дизма тушди.
— Куёв, қаранглар, куёв келди, раис Дизма... Газеталарда унинг расмларини кўрган одамлар Дизмани дарҳол танишди. Узоқдан кимдир:
— Яшасин раис Дизма! — деб қичқирди.
— Яшасин раис Дизма! Яшасин раис Дизма! — дея такрорлай бошлади оломон.

Одамлар бошларидан шляпаларини олиб силкитаркан:
— Яшасин!.. Яшасин Дизма! — дея қичқиришарди. Никодим зинапояда тўхтаб, цилиндрини силкитиб қўйди.

Унинг жиддий юзига ёқимли табассум югурди.

Оломон уни завқ-шавқ билан олқишлай бошлади. Шу пайт Нинанинг каретаси етиб келди. Қайлиғи шарафига чалинаётган гулдурос қарсакларни эшитиб, келиининг кўзига ёш келди.
— Кўрдингми, — дея шивирлади унинг қулоғига пани Пшеленская, — поляклар улуғ одамларнинг хизматини қадрлай билишади.

Никодим қайлиғининг олдига тушиб, оломоннинг қийқириғи остида уни меҳроб томон бошлади. Орган садолари янгради.

Варшавада анчадан бери шундай дабдабали тўйни кўришмаган эди.

Никоҳ маросими тугагач, келин-куёв шарафига яна олқишлар эшитилди. Карета анъанага биноан Иерусалим хиёбонини айланиб чиқди. Турна қатор бўлиб бораётган машина ва кареталар Европа меҳмонхонаси олдига бориб тўхташди. Бу ерда икки юз қирқ кншига дастурхон ясатилган эди.

Меҳмонхона олдида ҳам уларни синчков одамлар тўдаси кутиб турган экан. Бу ерда ҳам: «Яшасин Дизма!» — деган хитоблар эшитилди.

Никодимнинг оғзи қулоғида эди. Нинанинг чеҳраси табассумдан порлаб турарди.

Улар беҳисоб меҳмонларнинг табрикларини қабул қила бошлашди. Базм маҳали ҳам табрик сўзларнинг кети узилмади. Табрик телеграммаларини ўқишнинг ўзн бир соат вақтни олди, шу боисдан ҳам бал фақат соат ўн бирда бошланди. Куёв шу қадар берилиб танца тушдики, унинг бир вақтлар Лисковда қозонган муваффақиятларидан бехабар меҳмонлар ўзаро тахминан шундай гапларни айтишарди:
— Раис Дизмани шу қадар ҳазилкаш одам, деб ким ўйлабди дейсиз!

ёки:
— Куёв тўранинг бир оз кайфи ошибди, мана энди, хурсандчилик қиляпти.
— У хурсандчилик қилмай, ким хурсандчилик қилсин? Хотини қўғирчоқдаккина, Коборово эса ҳар қандай магнатга ҳам, насиб қилавермайдиган жой.

Ҳамма ишга бош-қош бўлиб турган Кшепицкий бални тугатишга ишора қилганида оппоқ тонг отган эди. Соат саккиздан йигирма минут ўтганида келин-куёв Коборовога жўнаши лозим бўлган поезд йўлга чиқарди.

Меҳмонларнинг кўпчилиги уларни вокзалга кузатиб чиқди. Темир йўл министри уларнинг ихтиёрига ажратиб берган салон-вагон гулга тўлиб кетганди. Сўнгги табриклар, хитоблар янграгач, поезд бир ҳуштак чалди-да, аста жойидан қўзғалди.

Нина билан Никодим очиқ деразалар олдида кўлларини силкитиб туришарди. Перронда беҳисоб дастрўмол ва шляпалар липиллай бошлади. Ниҳоят, паровоз тезлигини оширгач перрон шаҳарни чулғаган кул ранг тутун ичида кўринмай қолди.

Нина эрининг бўйнидан қучди.
— Ё парвардигор, қандай бахтлиман-а! Ник, айт-чи, мени бундай бахтга, сенга етказган нарса нима ўзи?!
— Ҳм... Нима етказди, дейсанми?..
— Ҳа, Ник, қандай қилиб сендай буюк, доно, шундай иззат-икромга сазовор бўлган одамнинг хотини бўлиб қолдим? Айт, Ник, қандай қилиб, а?..

Дизма хаёлга чўмиб, иягини қашиб қўйди. Ҳа деганда жавоб топа олмагач, унинг зардаси қайнаб кетди.
— Хотиним бўлсанг нима қилибди, — дея тўнғилла-ди у. — Шундан бошқа ташвишинг йўқми?

Уларнинг лаблари бир-бирига туташди.

Станциядан уйга қадар йўлга отқулоқ япроқлари тўшалган бўлиб, унинг икки четига ёш қайинлар ўтказилган эди. Станция биноси ҳам яшил гулчамбарлар билан безатилган эди. Перрон Коборово корхоналарининг ишчи ва хизматчилари ҳамда теварак-атрофдаги қишлоқлардаи келган ҳангаматалаб кишилар билан тўлиб кетганди. Уларнинг кўпчилиги кеча радио орқали берилган репортажни: машҳур солистлар, хор ва орган ижро этган «Veni Greator» гимни ва куёв шарафига айтилган «виват» хитобларини эшитишган эди.

Шу боисдан ҳам уларнинг перронга тўпланишганига ажабланмаса бўларди.

Узоқдан поезд кўринганида, гангир-гунгир гаплар тиниб, ҳаваскор музикачилардан иборат оркестр марш чалиб юборди. Тантанали дамлар яқинлашиб қолганди.

Биринчи қаторда юқори лавозимдаги хизматчилар саф тортишдида, қўлида дала гулларидан иборат гулдаста тутган оппоқ кўйлакли қизчани олдинга чиқаришди. Бу буғ тегирмони директорининг қизи эди.

Афсус! Машинистнинг эътиборсизлиги туфайли салон-вагон перрондан анча нарида, ғалла омбори билан ҳожатхона ўртасида тўхтади. Шундан сўнг кобороволик «киборлар» келин билан куёвнинг вагондан тушишига етиб бориш учун лўккилаб югуришга мажбур бўлдилар. Ҳарқалай, улар вақтида етиб боришди, қизча Нинага гулдастани топширди. У шеър ҳам ўқиб бериши керак эди, бироқ ўзини йўқотиб қўйган қизалоқ, айтиб туришларига қарамай, оғзини очолмай қолди. Нина унинг юз-кўзларидан ўпди. Дизма табрик сўзларини вагон зинасида туриб эшитди. Сўнгра у қуйидагиларни айтишни лозим топди:
— Чин қалбимиздан миннатдормиз! Мен ва хотиним бизни шундай очиқ кўнгил билан кутиб олганингизни сира ҳам унутмаймиз. Тўйимиз муносабати билан сизларга мукофот беришларини буюраман... Коборовода ишлайдиган одамларнинг барчаси мукофотланади. Нимаям дердим... Мен харажат қилишдан қўрқмайман...

Унинг сўзлари кучли «виват» садоларига кўмилиб кетди. Оркестр гумбурлади.

Қўшни вагондаги йўловчилар бу манзарани қизиқиб томоша қилишарди, баъзилари эса, ердагиларга қўшилиб, алланималар дея қичқиришарди.

Айниқса, учинчи класс вагони деразасидан бошини чиқариб, ўзи ҳам нималигини билмай бор овози билан «Вивайт! Вивайт!» дея қичқираётған озғин яҳудий ҳаммадан ҳам ошириб юбораётган эди:

Уйдаги хизматкорлар уларни нон-туз билан кутиб олишди.

Никодим патнисга иккита беш юзталик қўйди-да!
— Ўзинглар бўлишиб олинглар, — деди.

Кшепицкий уйларни анча-мунча ўзгартириб юборибди.

Юқорини, Нинанинг аввалги хоналарини у меҳмонхона қилиб беканинг ётоқхонасини Никодимнинг хонаси ёнига кўчирибди. Ётоқхоналарнинг икки томонида ванна бўлмалари жиҳозланибди. Уйнинг бутун чап қаноти Жорж Понимирскийга ажратилибди. Паркдаги павильонда эса Кшепицкийнинг ўзи турадиган бўлибди.

Тўй ва йўл келин-куёвни анча толиқтириб қўйган эди. Улар дарҳол ухлагани ётишди. Нина билан Никодим кечқуруноқ, эртага эрталаб Жоржнинг павильонига бориб, уни уйга кўчиб ўтишни таклиф қиламиз, деб келишиб қўйишди.

Дизма ўринда чўзилиб ётар экан, бу учрашув ҳақида аича ўйлади ва Понимирскийнинг олдига Нина билан бирга бормаганим маъқул, деган фикрга келди. Ким билсин, бу телба яна қандай нағма кўрсатади?

«Жиннилиги тутиб, сиримни ошкор қилиб қўйиши мумкин, ахир!»

Шу боисдан ҳам у хизматкорга ўзини соат еттида уйғотишни буюрди. Никодим янглишмаган экан: у ўрнидан тургач, хотинининг ётоқхонасига кирган эди, Нинанинг ҳамон ухлаб ётганини кўрди. Дарвоқе, Нина ҳеч қачон вақтли турмасди.

Никодим дарров кийиниб хизматкорга бека билан нонушта қилажагини айтди-да, паркка жўнади.

У Жорж билан нима тўғрисида гаплашишни олдиндан ўйлаб қўйган эди. Лекин шунга қарамай, павилъонга яқинлашгач, Никодим юраги пўкиллаётганини сезди. У фақат Понимирский билан учрашган кезларидагина ана шунақа чўчирди. Агар Жоржнинг телбалиги, унинг ғаройиб қилиқлари назарда тутилса, бунинг сира ажабланарли жойи йўқ эди, албатта.

Никодим кириб борганида, граф ўринда чордона қуриб, ҳуштак чалганича ширгуруч еб ўтирган эди. Кўрпа устида ётгаи ит гоҳо-гоҳо эринибгина эгасининг тарелкасини ялаб қўярди.

Понимирский Дизмани хизматкор унинг ортидан эшикни ёпганидан кейингина кўриб қолди.
— Салом! — деди Никодим.
— А! — деди кулиб граф — Ҳурматли касбдош! Манави лаънати бўтқани олиб қўйинг, касбдош!

Никодим итоатгўйлик билаи буйруқни бажарди-да, каравот ёнидаги стулга ўтирди. Понимирский унга истеҳзоли жилмайиб қараб турарди. Унинг касалманд боланикидек қонсиз юзидаги катта-катта кўзлари, қирра бурнн, доим қимирлаб турадиган юпқа лаблари — хуллас, бутун башарасидан мамнунлиги сезилиб турарди.
— Соғлиғингиз қалай? — дея гап бошлади Дизма. — Эшитишимга қараганда, анча бетоб бўлганмишсиз?
— Раҳмат. Ташвишланманг, касбдош.
— Мен касбдош сифатида эмас, — деди бирдан Дизма, — куёв сифатида ташвишланяпман.
— Нима-а-а-а?..
— Сизнинг куёвингиз сифатида, деяпман, — дея такрорлади, дадилроқ бўлиш учун овозини баландлатиб Дизма.
— Бу нима деганингиз? — ўшқирди граф.
— Буми, бу сиз билан қайнаға-куёв бўлдик деганим; мен синглингизга уйландим.

Понимирский кўрпани бир четга отиб, пушти пижамасида рўйирост ўрнидан турди-да, Никодим томон эгилди:
— Ёлғон! Ёлғон гапиряпсан, аҳмоқ!

Дизма қутуриб кетди. Оломоннинг олқишларига сазовор бўлган, аркони давлатлар билан ошначилик қилиб юрган улуғ Дизмани аллақандай одам ҳақорат қилиб ўтирса-я! Никодим сапчиб ўрнидан турди-да, Жоржни тирсагидан тутиб, тўшакка улоқтирди.

Понимирский оғриқнинг зўридан инграб юборди. Ит жон-жаҳди билан акиллай бошлади.
— Ҳе... Иблис! — деб юборди Дизма. Эшик очилиб, касал боқувчи аёл билан хизматкор пайдо бўлди.
— Мазангиз қочдими, жаноби олийлари? Эҳтимол, ёрдам керакдир? — дея сўради аёл.
— Қорангни ўчир! Йўқол! — ўшқирди Дизма. Хизматкорлар ғойиб бўлишди.

Никодим папирос тутатди-да, Понимирскийга ҳам портсигарни тутди. Жорж бир оз иккиланиб тургач, бир дона папирос олди.
— Ана кўрдингизми, граф мен билан ҳазиллашиб бўлмайди. Шундай қилиб, мен сйнглингизга уйландим. Ўтган куни тўйимиз бўлди. Хўш, бунга нима дейсиз?
— Шармандалик!
— Нега энди шармандалик бўларкан?
— Кимсан графиня Понимирская сиздек бир тубан, тўпори одамга тегиб ўтирса-я! Пан... пан... фамилиянгиз нимайди?
— Дизма, — дея эслатди Никодим.
— Кулгили фамилия, — деди елкасини қисиб Понимирский.
— Демак, сиз синглингизнинг жиноятчи Куникка хотин бўлиб қолишини афзал кўрар экансиз-да? А?
— Йўқ... Ҳарқалайи. Менимча, сиз ғоят ярамас одам бўлсангиз-да, Куникчалик фирибгар бўлмасангиз керак? Дарвоқе, бундай фирибгар бўлиш учун сизда ақл етишмайди, чунки...
— Оғзингизга қараб гапирсангаз бўларди, жаноби олийлари, — дея қовоғин солди Дизма.

Понимирский жимиб қолди.
— Сиз мени ҳақорат қилгандан кўра, худога шукур қилинг.
— Ростдан-а?!
— Ҳа, худога шукур қилинг. Мен олдинги куёвингизга ўхшаб сизни таҳқирламайман. Сиз уйга кўчиб ўтасиз ва бутунлай эркин юраверасиз. Биз бирга яшаймиз, учовлон овқатланамиз, меҳмонга борамиз, меҳмон қабул қиламиз....

Понимирскийга жон кирди.
— Ростдан гапиряпсизми?
— Бўлмасам-чи.
— Минишга от ҳам беришадими?
— Истаган нарсангиз муҳайё, бўлади. Майда ҳаражатлар учун пул ҳам оласиз. Қарзларингизни бўлса тўлаб қўйдим. Лекин менинг ҳам ўз шартларим бор.
— Қанақа шартлар экан? — сўради безовталаниб Понимирский.
— Аввало — тилингизни тийиб юрасиз. Оксфорд билаи Курляндия сизнинг уйдирмангиз эканлигини ҳеч ким билмаслиги керак.

Жорж кулиб юборди.
— Демак, одамлар бу сафсатага ишонишибди-да?
— Нега ишонишмас экан?
— Ахир башарангизга бир қарашнинг ўзи кифоя-ку!

Дизма қовоғини солди.
— Бу ёғи билан ишингиз бўлмасин. Тилни тийиш лозимлигини унутманг. Иккинчидан эса, ҳеч кимга билдирмай менга инглиз тилини ўргатасиз.
— Мен-а? — деди ғазаби қайнаб Понимирский. — Мен сиздек тубан одамни ўқитишим керакми? Қандай сурбетлик!
— Ўчир овозингни, маймун! — дея ўшқирди Дизма. — Иккитадан биттасини танла: ё менинг таклифимни қабул қиласан, ё сени дарҳол Творкига жўнатаман.

Понимирский лабини тишлаб, йиғлаб юборди.
— Брут, Брут, — дея ҳўнграрди у итини силаб, — Эшитяпсанми? Хўжайинингни яна жиннихонага тиқишмоқчи... Брут!

Унинг қонсиз юзидан катта-катта ёш томчилари оқиб тушарди. Буни кўриб Дизма ҳатто ажабланиб ҳам қўйди.
— Хўш, — дея сўради у, — қай бирини танлайсан?
— Мени сенлаб гапирманг, — дея норозилик билдирди Понимирский ва дарҳол тинчиб қолди.
— Нега энди сенламас эканман? Қайнаға-куёв бўлганимиздан кейин... Биз бир-биримиз билан сенсираб гаплашишимиз керак. Одамлар нима дейишади? Касбдош бўлсак, қайнаға-куёв бўлсагу бир-биримизни «пан» деб чақирсак?
— Қизиқ! — истеҳзо аралаш жилмайди Понимирский. — Наҳотки орамиздаги фарқни тушунмасангиз?
— «Фарқ» деганинг нимаси? Ундай десам, тўғри, битта фарқ бор: мен ақли расо одамман, сен эса — телбасан! Хуллас, хоҳлаганингни танла. Қайтага манмен билан ҳазиллашиб булмаслигини унутма! Тумшуғингга шундай соламанки, оғзингдаги тишларингдан битта қолмайди!

Шундай дея у Понимирскийнинг кўзи олдида муштини дўлайтирди. Унинг дағдағасига қарамай Понимирский хурсанд бўлиб кетди.
— Ростдан-а? Қизиқ. Шундай зарб бўлиши мумкинлиги ҳақида эшитгандим-ку, аммо ўз кўзим бнлан кўрмаган эдим. Биласизми? Ҳозир Антонийни чақираман, сиз уни уриб, ўша зарбингизни кўрсатасиз. Хўпми?

Граф қўлини қўнғироқ томон чўзган эди. Дизма уни тўхтатди.
— Ўзингни гўлликка солма? Мен Антонийнинг эмас, сенинг тумшуғннгга соламан. Ғинг деб кўр-чи. Хўш? Розимисан?

Понимирский қўлларини букиб, оғир хўрсинди.
— Қандай хўрлик, қандай иснод! Мен ана шу тубан, ана шу тўпори одам билан сенсираб гаплашишим ва бу ҳам етмагандай, шу зеҳни паст нусхага инглиз тилини ўргатишим керак! Унинг калла суягини қаранг, ахир бу маймуннинг калла суяги-ку!

Дизма ўрнидан турди-да, соатига қараб, деди:
— Ҳай майли, саломат бўл!
— Кетяпсизми?.. Яна бирпас ўтиринг, бўлмасам ёлғиз ўзим зерикиб кетаман.
— Энди ёлғиз қолиб зерикмайсан. Сени шу бугуноқ Творкига жўнатаман.

Понимирский каравотдан сакраб турди-да, қалт-қалт титраганича Никодимнинг ёнига югуриб келди. — Йўқ, йўқ! Мен ҳаммасига розиман.
— Розимисан?
— Ҳа.
— Тилингни тийиб юрасанми?
— Ҳа.
— Менга инглиз тилини ўргатасаими?
— Ўргатаман.
— Мана бу бошқа гап. Энди мени исмимнн айтиб чақиравер.
— Исминг эсимда йўқ!.. Қандайдир аҳмоқона исм эди.
— Никодим;
— Хўп яхши... Никодим.
— Демак, биз энди ошнамиз-а?
— Нима? Нима?
— Демак, тилимиз бир-а?
— Ҳа, ҳа, тилимиз бир.
— Қани, Жорж, қўлингни бер. Ҳозирча хайр!

Улар қўл сиқишди-да, Дизма чиқиб кетди. Понимирский гиламга ўтириб олиб, нимагалигини ўзи ҳам билмай қотиб-қотиб кула бошлади. Ниҳоят, хизматкорни чақирди:
— Антоний! Антоний! Антоний!

Эшик очилиб, хизматкор кириб келган эди, Понимирский унга мушт ўқталиб, қичқира кетди:
— Нега мендан яширдинг?!
— Нимани яширибман, панич?
— Синглимнинг эрга тегаётганини-да! Қари эшак!.. Қани бўл, тезроқ нарсаларни йиғиштир.
— Йиғиштир дейсизми? Нега энди, панич?
— Биз кўчяпмиз. ..
— Қаёққа?
— Уйга.

22-боб

Келин билан куёв Коборовога келгач, икки кундан сўнг у ерга Кшепицкий ҳам етиб келди — у ўз бошлиғининг баъзи ишлари билан Варшавада тутилиб қолган эда.

Кшепицкий ишга қизғин киришиб кетди: давлатга шпал етказиб бериш лозим бўлиб, баҳорги ишлар ҳам кўз-қулоқ бўлиб туришни талаб қиларди. Шу боисдан ҳам у Никодим билан Нинага унча кўп вақт ажратолмасди, Дарвоқе, улар бунинг учун хафа ҳам эмасди. Нина билан Никодим кунларини вақтчоғлик билан ўтказишмоқда эди: улар қайиқда сузишар, автомобилда сайр қилишар, от миниб дала кезишар ва бильярд ўйнашар эди.

Нина ўзини жуда бахтиёр ҳис этарди. Тўғри, баъзан унинг дилида гумонсирашга ўхшаш бир нарса иайдо бўларди, бироқ у Никодимнинг барча нуқсонларинн буюк одамнинг тентаклигига йўйиб қўя қоларди. Ниҳоят, унинг эридан миннатдор бўладиган томони ҳам кўн эди! Агар кундуз куни у баъзан ўйланиб қолса, қош қорайиб, тун тушиши билан ҳаммасини унутарди қўярди. Қалбининг қаърида узоқ вақт мудраб ётган ҳиссиёт энди Нинанинг аъзойи бадаиига ёйилиб, унинг асосий ўй-хаёлига айланган эди.

Келин билан куёв кунларини шод-хуррам ўтказишарди, шу боисдан ҳам уларнинг тотувгина умр кечиришлари ўз-ўзидан маълум бўлиб қолган эди.

Фақат икки ойдан кейингина улар қўшни помешчикларникига бориб, улар билан танишиш ва ўз уйларида меҳмон қабул қилиш ҳақида ўйлай бошлашди. Боз устига ёзда пани Пшеленская билан варшавалик бошқа меҳмонларнинг келиши кутилмоқда эди.

Никодим талайгина вақтини маълумотини ошириш учун мутолаа қилиш билан ўтказарди: у, ёлғиз ўзи ёки Понимирский билан бирга кутубхонада қамалиб олиб, китоб ўқирди. У бу ишни истар-истамас қилса-да, бироқ китоб ўқиш ва чет тилларни билишнинг нақадар фойдали эканлигини яхши тушунарди.

Кечки овқат маҳали у баъзан ўрни келганда ўқиган китоблари ҳақида гапириб қўярди, сўзларининг суҳбатдошларига қандай таъсир қилишини зимдан кузатиб, у ёки бу ёзувчининг дунёқараши тўғрисида сафсата сотарди. Фақат Нинагина эмас, ҳатто Кшепицкий ҳам унинг гапига одоб билан қулоқ солишарди. Кўп ўтмай Кобороводагилар Никодим кутубхонага қамалиб олган пайтларида, пан помешчик илмий иш билан шуғулланяптилар, дейдиган бўлиб қолишди.

Ора-сира Дизма экинзор ва фабрикаларни бориб кўрарди. Хўжаликни бошқариш ташвишлари Кшепицкийнинг зиммасига юкланган эди. Даромаднинг кундан-кун ўсиб бориши янги бошқарувчининг ишни дўндириб бажараётганидан далолат бериб турарди.

Жорж Понимирский тез кунда янги шароитга кўникиб кетди. У Никодимнинг норози бўлишига ўрин қолдирмай, ўзини киройи одамдек тутарди. Тўғри, баъзан бирор нарсага шама қилиб, истеҳзо билан кулиб қўяр, бироқ куёвнинг бир хўмрайиши билан дарҳол писиб қоларди. Синглиси билан у деярли гаплашмасди. Жорж аввалдан Нинани ёқтирмас эди. Боз устига у аёлларнинг фикрлай олиш қобилиятини тан олмасди. У узоқ вақт маҳрум бўлган эркинликдан лаззатланиб юрарди: от миниб сайр қилар, ҳатто автомобиль ҳам ҳайдар эди. Дизма дилида, зора бирор фалокатга йўлиқиб гумдон бўлса, деган умид билан унинг машина ҳайдашига рухсат берган эди.

Бироқ доим тентаклик қилиб юрадиган Жорж ўз жонини сақлаш масаласига келганда жуда эҳтиёткор бўлиб қоларди. Унинг беозор телбалиги тез кунда теварак-атрофдаги қишлоқларда анчагина латифалар тўқилишига сабаб бўлди.

Жорж Кшепицкий билан доим гердайиб муомала қиларди. У бошқарувчи билан икки бармоғини узатиб саломлашар ва агар Кшепицкий унга «жаноб олийлари», дея мурожаат қилмаса, саволига мутлақо жавоб бермай қўя қоларди. Кшепицкий унинг бу қилиғидан кулиб, Жорждан сира хафа бўлмасди.
— Ғалати йигит, — дерди у, — қилиқларини кўрсам, доим кулгим қистайди. Қишлоқда шунақа эрмак ҳам керак бўларкан. Илгари қироллар нима сабабдан саройда масхарабоз сақлашганини энди тушундим.
— Жин урсин уни! — дея тўнғилларди Дизма.

Бу орада Варшавадаги эски дўстлардан ташвишли хабарлар кела бошлади.

Иқтисодий кризис кундан-кун зўрайиб борарди. Тез кунда у Коборовога ҳам ўз таъсирини кўрсатди.

Қоғоз фабрикаси ва тахта тилиш заводи фақат давлат буюртмалари билан ишламоқда эди. Иқтисодий инқироз Дизманинг манфаатларига ҳам ёмон таъсир қилди. Бироқ бахтига Кшепицкийнинг уддабуронлиги ва давлат буюртмалари туфайли ҳамон дурустгина даромад олинаётганди. Қўшни помешчикларга нисбат қилинганда Дизма Қорундек бадавлат кўринарди. Боёқишларнинг ишлари кундан-кун чаппасига кетмоқда эди. Аҳвол шу даражага бориб етдики, ўттизга яқин ер-мулк ким ошди савдосига қўйиб сотилиши эълон қилинди.

Дарвоқе, бошқа ёқларда ҳам иш бундан яхши эмасди. Зироатчилар сунъий ўғитлар ишлатмай қўйишди, сарф-харажатларини жуда чеклашди. Боз устига ҳар тарафдан, кўпгина помешчиклар омборлардаги давлат банкасининг мулки ҳисобланган ғаллани сота бошлаганлиги ҳақида миш-мишлар тарқала бошлади. Шу боисдан банка облигацияларининг нархи жуда тушиб кетди. Облигация эгалари орасида ваҳима кўтарилди. Савдо ва биржадаги турғунлик, саноатдаги инқироз солиқ тўловчиларнинг қурбсизлиги даҳшатли хавфга айланди. Газеталар синиш, корхоналарнинг ёпилиши, иш ташлаш, буд-шудидан, ишидан айрилган кўплаб кишиларнинг ўз-ўзини ўлдириши ҳақидағи хабарларга тўлиб кетган эди.

Мамлакатда норозилик авжига чиқа бошлади.

Ҳокимиятни ўз қўлига олиб, инқирозни бартараф қилишга қодир бўлган кучли одам ҳақида борган сайин кўпроқ гаплаша бошлашди.

Бу орада ўрим мавсуми яқинлашиб қолган бўлиб, мамлакатда яна мўл ҳосил хавфи туғилди. Никодим газеталарни ўқир экан, бош чайқарди.
— Жин урсин! Энди нима бўларкин?

23-боб

Коборовода анчадан буён ҳосил байрами бундай хурсаидчилик билан ўтказилмаган эди.

Янги помешчик пулни аямай сарфлади. Чамаси, унинг ўзи ҳам ғубордан чиқмоқчи эди шекилли. Тумонат меҳмон йиғилди. Биринчи бўлиб бир талай чамадонлари билан пани Пшеленская етиб келди; ўша куни кечқуруноқ полковник Вареда билан опа-сингил графиня Чарскаялар келишди. Эртасига Кобороводага икки автомобиль ва икки извош куни билан станциядан одам ташиди.

Хотини ва ўғлини олиб воевода Шеймонт, оқсоқол Тишко, министр Яшунскийнинг хотини, барон Рельф рафиқаси билан, Ушинкий синглиси билан, икки адъютантини олиб ҳарбий округ коменданти генерал Чакович, Уляницкий, Хольшицкий, Кожец ординатининг хотини ва йигирмага яқин қўшнилар ҳозир бўлишди.

Уйни меҳмонлар босиб кетди. Ҳамма хоналардан кулги ва гангир-гунгир гап эшитиларди.

Киборлар ҳаётини яхши кўрадиган Нинанинг боши осмонда эди. Бутун ўтган ҳафта давомида у Кшепицкий билан бирга сайр-томоша программасини тузиб, омборхонадаги озиқ-овқат ва ертўладаги ичимликлар запасини қайта-қайта ҳисоблаб чиққан ва янги ҳизматкорлар ёллаб, меҳмонлар учун хоналар ҳозирлаган эди. Хуллас, у қариндошлар, ёру дўст ва таниш-билишларни муносиб кутиб олиш учун қўлидан келган ҳамма чораларни кўриб қўйганди.

Жорж ҳам жуда илҳомланиб кетганди. У меҳмонлар орасида ўралашиб юрар, хонимларнинг кўнглини хуш этиб, эркакларга отхоналарни кўрсатар ва, умуман, ҳамманинг эътиборини ўзига жалб қилишга уринарди. У, гўё Коборовонинг эгаси бошқа одам эканлигини унутиб қўйгандек, ўзини яна тўра деб ҳис этарди. Кшепицкий билан пани Пшеленская Жоржнинг руҳан хасталигини меҳмонларга шипшитиб қўйишганди, шу сабабдан меҳмонлар унинг раъйига қараб, биронта ҳам гапини қайтаришмас эди.

Никодим барчани илтифот билан кутиб олаётган бўлса-да, бироқ ўзини жуда сипо тутарди; шу боисдан ҳам меҳмонларнинг унга нисбатан ҳурмати янада ошиб кетди. Беҳисоб меҳмонлар келганига қарамай, у кутубхонага кириб, ичидан қулфлаб олиш одатини ташламади. Бу нарса атрофдагиларнинг кўз ўнгида унинг обрўсини янада ошириб юборди.

Кечқурунлари паркда Варшавадан таклиф қилинган оркестр музика чалар, шунда барча меҳмонлар кечки салқинда ҳузур қилиб сайр этишар, фонарлар билан ёритилган майсазорда танца тушишар эди. Баъзан от миниб извошларга ўтириб, ўрмонга боришарди. Нина остида сайр қилишни жуда яхши кўрарди.

Эрталабдан барча теннис ўйинига берилиб кетарди. Пешинги овқатга қадар иккала кортдан одам аримасди. Дарвоқе кечгача ҳар бир одам кўнгли тусаган ишни қилиб юраверарди. Ёши каттароқ кишилар фабрика ва экинзорларни қизиқиб томоша қилишар, ёшлар эса от минишар, кўлда чўмилишар, моторли ва эшкакли қайиқларда мусобақалашар эдилар.
— Жойларингиз жуда чиройли экан, — дейишарди меҳмонлар Нина билан Никодимга. — Коборовони олтин кон деса бўлади.

Барчанинг вақти чоғ эди. Кашандалар учун ажратилган хонани бридж ишқибозлари эгаллаб олишди. Улар бир минут ҳам стол ёнидан нари кетмасди. Емакхонадаги дастурхонлардан кун бўйи ичимлик ва егулик аримасди.

Учинчи куни катта бал уюштирилди. Бу жуда ажойиб базм бўлди. Таклиф қилинган бир юз қирқ киши ўрнига бир юз олтмиш уч одам йиғилди.

Бал кечқурун соат ўнда бошланиб, кундузи соат бирда мазурка билан тугади. Меҳмонлар молдай ичишди, шу боисдан хизматкорларнинг иши бошидан ошиб кетди: буталар тагидан ғирт маст меҳмонларни қидириб топиб, уларни каравотларга олиб бориб ётқизиш керак эди.

Ниҳоят, ҳамма ухлагани тарқалди, чунки кечқурун ҳосил байрами ўтказилиши лозим эди.

Уй олдидаги майсазорнинг чор атрофига, бочкалар қўйиб чиқишди. Деҳқонлар учун очиқ ҳавода столлар қўйилиб, меҳмонларга айвонда дастурхон тузалди. Воевода Дизманинг энг яхши ўроқчи аёл билан рақс тушиши лозимлигини айтиб, унга тегишиб қўйди.
— Механизациянинг анъаналарни емиришини қаранг-а, — дея қўшимча қилди у. — Ҳозирги кунда ҳосил байрами ўз маънисини йўқота бошлади.
— Афсус, анъаналаримизга ачинади киши, — деди Нина.
— Гапингизга қўшиламан, лекин аҳвол чиндан ҳам шундай.
— Бунинг оқибати нима бўларкин? — дея хўрсинди Дизманинг мулкдор қўшниси мўйсафид пан Ройчинский. — Ғирт тентаклик! Машиналар ҳаётимизни гўзалликдан маҳрум қилиб, уни хунуклаштириш билан бирга, кишиларнинг ўрнини эгаллаб оляпти.
— Кимнинг ўрнини эгаллабди? Кимни? — деди жиззакилик билан Дизма. — Кўриб турибсиз-ку, ҳосил байрами уюштирдик, одамлар хурсанд. Ялангоёқларнинг бир қисми қирилиб кетса ҳеч нима қилмайди! Машиналар ҳаётни фаровонроқ қилади, холос. Ана шундай!

У шартта орқасига ўгирилиб, хонадан чиқиб кетди.
— Тўппа-тўғри, — дея бош ирғади генерал.
— Бу дейман, у ҳм... дипломатияни йиғиштириб қўйиб, жуда очиқчасига гапириб юборди-ю, — деди ҳайрат ичида генералга қараб кекса помешчик.

Воевода кўнгилчанлик билан жилмайди.
— Азизим, менга ишонинг: унинг шундай гапиришига ҳақи бор. Оғзи қийшиқ бўлсаям, бойнинг ўғли гапирсин, деганлар-ку ахир. Генерал Камбронни олсак, ана уни дипломат деса бўлади.

Оркестр машқ бошлаб юборди. Унинг олдига деҳқонлар йиғила бошлашди.

Ниҳоят, йироқда ўроқчилар тўдаси кўринди: Улар аллақандай сўзсиз белорусча куйни хониш қилиб келишарди. Уларнинг бу ғамгин, азалий мақомида ҳосил қувончи эмас, жанг майдонининг даҳшати ифодаланаётгандек эди. Чамаси, минг йилдан буён куйланиб келаётган бу қўшиқни эшитганида Нина доим маъюсланиб қоларди. Унинг назарида ҳиндулар худди шундай хониш қиладигандек эди.

Бу орада ўроқчилар анча яқинлашиб қолишди. Олдинда сонлари бўлиққина, лорсиллаган кўкраги ёқасига кашта тикилган бўз кўйлагини туртиб чиққан, баланд бўйли бир қиз келаверди. Унинг калтагина қизил юбкаси остидан келишган дуркин болдири кўриниб турарди. Дугоналари ипак пайпоқ ва французча пошнали амиркон туфли кийиб олишган бўлишса-да, бу қиз яланг оёқ эди. У бошқа қизларга қараганда анча ночорроқ кўринарди. Қиз сули бошоқларини дасталаб кўтариб олганди.

Понимирскийнинг ёнида турган барон Рельф унинг қўлтиғидан тутиб, секингина деди:
— Жуда зўр эканми! Ҳақиқий Помона-я. Жуда наслдор кўринади. Қорни ва сонларининг мушаклари жуда бақувват бўлса керак. Насл масаласида деҳқонлар анча ночор кўринадиган бундай чет жойда шундай ажойиб нусхани учратаман, деб сира ўйламаган эдим, граф. Ундай десам, ҳаммасиям кўҳликкина. Жин урсин, ҳаммаси зотдор-а! Воажаб!

Жорж моноклини кўзига жойлаб, Рельфга нафратомуз қараб қўйди.
— Аксинча, бунинг ҳеч ажабланарли жойи йўқ, барон. Понимирскийлар Коборовога беш юз йилдан буён эгалик қилиб келишяпти. Билишимча, менинг муҳтарам аждодларимдан биронтаси ҳам халққа уиинг аёллари орқали маърифат тарқатиш вазифасидан ўзини олиб қочган эмас.
— Тушунаман, тушунаман, — дея бош ирғади барон. — Авом халқ эса доим биз зодагонлар отлар ва қора мол наслини яхшилашдан бўлак иш билан шуғулланмаслигимиз ҳақида гап сотади. Манови деҳқонларга бир назар ташлашнинг ўзи кифоя: шунда биз энг катта муваффақиятга ана шу соҳада эришганимиз дарҳол аён бўлади қўяди.
— Кечирасиз, — дея унинг гапини бўлди Понимирский, — «биз» деганда кимни назарда тутяпсиз?
— Биз зодагонларни-да.
— У ҳолда биз бир-биримизни тушунмабмиз. Мен Понимирскийлар — яъни кўҳна зодагонларни назарда тутган эдим.

Жорж моноклини чўнтагига тиқиб, шолғомдай қизариб кетган баронга орқасини ўгириб олди.

Қўшиқ ва рақслардан сўнг базм бошланди.

Оқшом анча салқин бўлиб, хонимлар совқотаётганларидан шикоят қила бошлашган эди, меҳмонлар айвондан уйга киришди. Боғда ёлғиз Дизма қолди. У мезбонлик бурчидан ҳам кўра кўироқ ўз ҳузуринн ўйлаб ўроқчи аёллар билан тинмай танца тушарди. Никодим ҳаммасидаи ҳам ҳалиги дуркун қиз билан кўп тайца тушди. Дизма унинг қайлиғи — тахта тилиш заводида ишлайдиган норғул йигитнинг қовоқ-тумшуғи осилиб кетганига эътибор бермай, пайт пойлаб туриб қизни паркка олиб кириб кетди.

Қиз ҳам помешчикнинг раъйини қайтармади. Қайлиғи эса аламидан ўлгудай ичиб, ғирт маст бўлиб қолди.

«Анови аҳмоқ Понимирский» билан қилган суҳбатидан сўнг бир оз ўзига келиш учун паркни айланиб қайтаётган барон Рельф тасодифан бу воқеанинг шоҳиди бўлди. Шундан сўнг у:

«Демак, мен ҳақ эканман: фақат кўҳна зодагонларгина эмас, балки янгилари ҳам деҳқонлар наслини яхшилашнинг ташвишини тортар экан», — дея хаёлидан ўтказди.

Шарқ томонда осмон аста ёришмоқда эди.

24-боб

Пешинга яқин етиб келгаи хабар барчани ҳаяжонга солди: кабинет нстеъфога чиқиш ҳақида ариза берибди ва унинг истеъфоси қабул қилинибди.

Уляницкий дарҳол шаҳарга қайтиш ҳақида Варшавадан телеграмма олди.

Кабинетиинг истеъфога чиқиши Коборово меҳмонларининг кўпчилигига шахсан алоқадор воқеа бўлиб, баъзи бировлар, мансабларидан маҳрум бўлишлари мумкин эди. Барча фақат шу воқеа ҳақида сўзлашарди. Уляницкий вестибюлда у ёқдан-бу ёққа юрганича тинмай сўкинарди.

Яшунская хабарни эшитган заҳоти Варшавага жўнаб кетди.

Воевода Шеймонт ўз идорасига телеграмма бериб, Варшавадаги ҳукумат кризиси тафсилотлари тўғрисидаги барча гапларни ўзига хабар қилиб туришни буюрди.

Кечқурун газеталарни олиб келишди. Газеталарнинг барча саҳифалари бу воқеа ҳақидаги хабар ва миш-мишлар, вазиятга берилган қарама-қарши баҳолар, турли тахмин ва гумонлар билан тўлиб кетган эди. Улар фақат бир масалада — кабинет иқтисодий крисизни бартараф этолмагани боисидан қулагани ва унинг ўрнига катта обрўга эга бўлган одам раҳбарлигида янги кабинет тузиш лозимлиги ҳақидаги масалада якдил эдилар.

Бош министрлик лавозимига номзодлар орасида генерал Трочинскийнинг фамилияси ҳам кўзга ташланиб турарди. Генерал касалхона кассаларининг бошқарувчиси ҳамда маданият ва санъат бўйича халқаро конгресс делегати сифатида анча обрў орттирган бўлиб, «Наполеон I, Александр Македонский ва бошқаларнинг стратегик хатолари» номли брошюраси билан ўз мавқеини мустаҳкамлаб олган эди. Аввалроқ у «Йўқолсин коммунизм!» номли китобчаси билан шуҳрат қозонганди. Унинг миллий музей томонидан сотиб олинган бир сурати ҳам жуда машҳур эди. Сурат мой бўёқлар билан автопортрет жанрида чизилган бўлиб, унда муҳтарам генерал чаққонлик билан баҳайбат қоплонга найза санчаётган пайт тасвирланганди.

Коборовода бу номзод ҳар томонлама муҳокама қилинди. Очиғини айтганда, унинг бош министр бўлишига ҳеч ким қарши эмасди.

Кечки овқат маҳали бояги суратдаги бўёқларнинг уйғунлиги ҳақида мунозара бошланиб кетди.
— Ник, — дея сўради Нина, — сенингча ким бош министр бўларкин?
— Буни мен қаёқдан билай.
— Ҳар қалай айт-чи?..
— Ҳм... Агар Трочинский бўлмаса, эҳтимол, Яшунский бўлар...

Кайфи ошиб қолган Вареда столга мушт туширди:
— Йўқ, Никодим, биласанми, ким бош министр бўлиши керак?
— Ким?
— Сен.

Орага жимлик тушди. Барча Дизмага тикилиб қолди. Вареда ҳазиллашди, деб ўйлаган Никодим пешанасини тириштириб тўнғиллади:
— Кўп ичиб қўйибсан, Вацек. Қўй бу гапни.

Нина ўрнидан турди. Шундан сўнг барча беканинг ишораси билан меҳмонхонага ўтди. Полковник ўзини оқлаш учун алланима деган эди, ғовур-ғувур ичида унинг сўзлари эшитилмай қолди.
— Қайиқларга ўтириб, кўлда сайр қилишни таклиф қиламан, — деди хонимлардан бири. — Ҳамма ёқ сутдай ойдин!

Барча бу таклифга бажонудил рози бўлди.

Чиндан ҳам сайр жуда кўнгилли ўтди. Кўл улкан ақиқ қатламига ўхшарди. Унинг сатҳида юлдузлар майда дур доналаридай акс этарди, улар орасида эса, воевода Шеймонтнинг чамалашига кўра лоақал ўн қиротлик гавҳардай келадигаи тўлин ой ярқираб турарди. Қайиқлар оҳиста чўлпиллаб қирғоқдан узоқлашиши билан кимдир қўшиқ бошлаб юборди.
— Афсус, — деди хўрсиниб Никодим, — қўлимда мандолина йўқ-да.
— Вой, сиз ҳали мандолина чаласизми? — дея ажабланди опа-сингил Чарскаялардан бири.
— Ҳа, чаламан. Айниқса, ойдин кечалари қайиқда чалишни яхши кўраман. Илҳомим қўзиб кетади. Тун, осмонда ой ярқирайди, ҳамма ёқни уфқнинг ҳиди тутиб кетади...

Ҳамма хахолаб кулиб юборди. Оқсоқол Тишко эса:
— Пан раис шу ерда ҳам содда қўшиқларимиз устидан кулдилар-а, — деди.

Пшеленская елкасини қисиб қўйди:
— Наҳот сиз, пан раис шундай арзимаган нарсаларга қизиқади, деб ўйласангиз?
— Бўлмасам-чи, — дея унинг гапини илиб кетди оқсоқол. — Ахир ғалла банкасини ёпиш ҳақидаги қарорни мен ҳам эшитдим. Шундай банкани-я! Шундай ишни барбод қилишса, унинг асосчисига алам қилади-да... Шундай эмасми, пан раис?
— Хўш, ўзингиз қандай ўйлайсиз? — дея саволга савол билан жавоб қилди Дизма.
— Буни қарангки, — тинмай давом этди оқсоқол. — Ҳамма ёқдаям қандай иш қилинаётгани эмас, балки бу ишни ким бажараётгани катта аҳамиятга эга экан. Банкага пан раис раҳбарлик қилаётган пайтларида ҳаммаси жойида эди.
— Балки ҳали ҳаммаси изига тушиб кетар, — дея гап қотди Дизма.
— Қаёқда дейсиз, — деди қўл силтаб оқсоқол. — Бир неча ойдаёқ банка барбод бўлди. Ҳамма гап одамда, ҳа, фақат одамда.
— Жуда тўғри айтдингиз, — деди комил ишонч билан Пшеленская.
— Хелло, Никодим! — дея қичқирди нарироқдаги қайиқдан Понимирский. — Оксфордда ижро этиладиган эшкакчилар қўшиғини айтмаймизми? А?
— Айтинглар, айтинглар! — дея илтимос қила бошлашди хонимлар.
— Товушимнинг мазаси йўқ, — деди зардаси қайнаб Дизма.
— Ёлғон гапиряпти! Товуши яхши, — дея қичқирди ўз ҳазилидан чаноқ бўлиб Жорж. — Темзада қандай куйлаганимизни унутдингми? Лорд Келедин оф Ньюдон товушингни жуда...

У гапини тугатишга улгурмади: Никодим эшкакни сувга қаттиқ уриб, Понимирский ва у билан бирга қайиқда ўтирган кишиларнинг устига сув сачратиб юборди.
— Кечирасизлар, — деди сўнг Дизма, — унга фақат совуқ сув кор қилади.

Улар орқага қайтишиб, бир неча минутдан сўнг паркка кириб боришди.

Уй олдида кимнингдир чанг босган автомобили турарди. Шофер мотор устига энгашиб, унинг аллақаерини тузатмоқда эди.
— Ким келди? — дея сўради Дизма.
— Пан директор Литвинек.
— Литвинек? — Никодим ажабланиб, қошини чимирди.

Чиндан ҳам у Қасрдаги расмий қабул маросимларида президент идорасининг бошлиғи вазифасида ишлайдиган доктор Литвинек билан танишган эди. Бироқ уларнинг орасида дўстона муносабат бўлмай, Литвинекнинг тортинмасдан Коборовога келиши Никодимни ҳайратга солди.

Меҳмонлар уйга киришди.

Вестибюлда Кшепицкий қора сочларига оқ оралаган баланд бўйли бир киши билан гаплашиб турарди. Дизма тўғри уларнинг олдига бориб саломлашди.
— Хўш, ҳукумат кризиси нима бўляпти? — сўради гап орасида Никодим.
— Мен ҳузурингизга худди шу масала юзасидан келдим, — дея жавоб қилди таъзим билан доктор Литвинек.
— Шу масала юзасидан дейсизми?

Барча нафасини ичига ютиб, қулоқ сола бошлади. Литвинек портфелидан конверт олиб, бир оз сукут қилиб турди-да, сўнг дабдабали оҳангда деди:
— Муҳтарам пан раис. Мен бу ерга Жеча Посполита президенти топшириғига биноан унинг номидан янги кабинет тузиш вазифасини ўз зиммангизга олишни илтимос қилиб келдим. Мана, президентнинг шахсий мактуби.

Шундай дея у Никодимга қўлидаги коивертни узатди.

Дизма қип-қизарганича анграйиб қолди..
— Нима... Нима?

Гапининг қандай таъсир қилганидан мамнун бўлган Литвинек хиёл жилмайиб қўйди.
— Республика президенти, пан раис, сиз янги кабинет тузиб, унга раҳбарлик қилишни ўз зиммангизга олурсиз, деб умид қилади.

Дизма талмовсираб конвертни олди, ундан титроқ қўллари билан мактубни чиқарди-дз, ўқишга киришди, лекин кўз олди қоронғилашиб, ҳарфлар чаплашиб кетди.

Чиндан ҳам президентнинг шахсий мактубида ҳозиргина Литвинек айтган гаплар ёзилган эди. Дизма мактубни аста буклаб, конвертга солди. Унинг ташвишга тушиб қолгани юзидан сезилиб турарди.
— Президент илтимосини рад қилмаслигингизга ишонади, пан раис. Сиёсий кескинлик ва иқтисодий кризис натижасида мамлакат ҳалокат ёқасига бориб колган шундай бир пайтда бу нарса жуда катта аҳамиятга эға. Бу жуда оғир масала. Бироқ шахсан давлат бошлиғининг ўзи ва, умуман, бутун жамият сизга ғоят ишонар экан, фақат сизгина бу масалани муваффақиятли ҳал этишингизга президентнинг имони комил. Сизнинг халқ орасидаги обрўйингиз, билим ва тажрибангиз ишнинг кўзини биладиган ҳукумат тузишингизга, кучли одамни зориқиб кутаётган мамлакат фаровонлигини оширишингизга кафолот беради. Бу ишни сиз... Фақат сиз... бажара олишингизга ўзим ҳам умидвор эканлигимни изҳор этишга рухсат этгайсиз, пан бош министр.

Шундай дея, у чуқур таъзим қилди-да, индамай қолди.

Меҳмонларнинг бари анграйиб туришарди.

Литвинек умрида биринчи марта шундай вазифани адо этаётгани учун ҳаммани қойил қолдиришга умид қилган эди. У янглишмади.

Барчанинг юзида ҳаяжон акс этарди. Ҳазилакам ишми, уларнинг қўз ўнгида ҳокимият янги — кучли одам қўлига ўтмоқда эди-да. Ранги докадай оқариб кетган Нина кресло дастасини маҳкам ушлаб олди. Вареданинг башарасидан у ҳозир йиғлаб юборадигандай туюларди. Кшепицкий бошини баланд кўтариб, атрофдагиларга мағрур кўз югуртириб чиқди. Хайратдан кўк кўзларини катта очган Жорж Понимирский унинг елкаси оша меҳмонларга қараб турарди.

Ҳеч ким ўтиришга журъат этмасди.

Ҳаммадан олдин воевода Шеймонт эс-ҳушини йиғиб олди. У Никодимнинг ёнига келиб, чуқур таъзим қилди-да, унинг қўлини қисди.
— Сизга чин қалбимдан катта муваффақиятлар тилайман, пан бош министр... Лекин табрикламайман, чунки бу тарихий дақиқада сизни эмас, балки биз давлат гражданлари ва унинг хизматкорларини табрикламоқ лозим.

Бошқа меҳмонлар ҳам воеводадан ибрат олиб, Дизмани табриклай бошлади. Никодим қовоғини солганича табриклаётган одамларнинг .қўлини бирма-бир қисиб чиқди.

Дизма қандай шарафга муяссар бўлаётганини жуда яхши тушунарди. У, лисковлик ночор бир чиновник Никодим Дизма, энди катта бир давлатнинг жиловини ўз қўлига олиши мумкин эди. У шахсий поездда юради, бутун мамлакат, ҳатто бутун дунё унинг номини тилга олади.

Лекин... лекин, аслида... унга бунинг нима кераги бор?

Яна Варшавада таҳликага тушиб яшайди, яна бирор бўлмағур гапни валдираб қўйишдан чўчиб юради.

Аммо буюк ҳокимият, ўттиз миллиондан ортиқ кишига ҳукмронлик қилишдан воз кечиш осонми! Бундай ҳокимиятга, Министрлар Советининг раиси деган номга ҳеч 6ўлмаса бир кунгина эришиши учун ҳаётини ҳам аямайдиган минглаб одамлар топилади! Бош министр Дизманинг кабинети... Никодим Дизманинг ҳукумати... Армия честь беради, ҳарбий кемалар тўплардан ўқ узиб, олқишлайди... Бу ҳақда бутун дунё газеталари ёзади ахир... Ҳокимият, шон-шуҳрат...
— Жавобингизни кутаман, пан бош министр, — деди яна доктор Литвинек.

Никодим ҳушига келиб, атрофдаги одамларга кўз югуртириб чиқди. Ҳамманинг кўзи унда эди. У томоқ қириб, ўрнидан турди.
— Уйлаб кўриш учун менга ярим соат муҳлат берсангиз, — деди у бўғиқ товуш билан. — Пан Кшепицкий, юринг.

Улар Кшепицкий билан бирга Никодимнинг кабинетига киришди-да, эшикни ичидан қулфлаб олишди.
— Нима қилишимниям билмай қолдим... — дея гап бошлади Дизма.
— Бунинг нимасини билмас экансиз, пан раис? Ҳаммаси равшан-ку. Шундай эътибор! Шундай ҳокимият!
— Ҳа, албатта, бироқ бу жуда масъул иш. Давлатни бошқариш банкага раҳбарлик қилиш дегани эмас.
— Хўш, нима қилибди?
— Уддалай олмаслигим мумкин.
— Уддалайсиз пан раис.

Никодим лабларини чўлпиллатди.
— Ҳозир турли-туман кризислар кўпайиб кетган, кундан-кун раҳбарлик қилиш оғирлашиб боряпти...
— Бирор нарса ўйлаб топасиз, пан раис, миянгизга бирор яхши фикр келиб қолади. Мен бундан ташвиш қилмайман. Чунки сиз янгилик ўйлаб топишга жуда моҳирсиз... Бир тасаввур қилинг-а, пан раис: мана сиз ҳокимиятни қўлга олдиигиз, аҳоли хурсанд, жамиятнинг кайфияти кўтарилди, сиз бир нечта самарали тадбирларни амалга оширасиз. Агар бунинг устига умумий конъюктура яхшиланса борми!..
— Яхшиланмаса-чи?.. Фақат шарманда бўлғаним қолади.
— Ҳеч нима қилмайди! Унда ҳамма айбни ёмон конъюктура билан халқаро кризисга қўйиш мумкин. Озмунча кабинетлар истеъфога чиққанми?

Шу пайт эшик тақиллаб қолди. Кабинетга Нина кирди.
— Сенга халал бермайманми? — дея журъатсизлик билан сўради у остонадан.
— Йўқ, киравер.
— Буни қаранг-а, — деди Нииага қараб умидсизлик билан Кшепицкий, — пан раис ҳамон иккиланиб турибдилар.
— Биласанми, Ниночка, бу жуда қийии иш. Қолаверса, менга шу ер — Коборово яхши.

Нинанинг чеҳраси ёришиб кетди.
— Азизим! Менга жуда меҳрибонсан-да! Лекин, Ник, мен Ватанимизга зиён келтириб бўлса ҳам сепи Коборовода тутиб қоладиган худбинлардан эмасман. Ўзинг нимани дозим топсанг, шуни қил, менимча, сен мамлакатни қутқариб қолишга қодирсан.
— Сен шундай деб ўйлайсанми?
— Бурчинг нимани тақозо этса, шундай йўл тутавер. Худо ҳаққи, мени тантиқ деб ўйлама, лекин мен Варшавада бош министрнинг рафиқаси бўлиб юришдан кўра, сен билан шу ерда яшашни афзал кўраман. Аммо ҳарқалай... Мени севишинг туфайли давлатга раҳбарлик қилишдан воз кечаётганингни ўйласам ташвишга тушяпман...
— Ҳм... — дея тўнғиллади Дизма.

Пан раис, — яна гап бошлади Кшепицкий бошлиғининг таклифини қабул қилишга мойил бўлиб бораётганини кўриб, — менда бир фикр туғилиб қолди: сиз ҳокимиятни қўлга олганингиздан сўнг биз тезда Лондонга борамиз.
— Нега? — норози оҳангда сўради Дизма.
— Нега дейсизми? Қарз олиш учун. Бошқа биронта одамга бермасликлари мумкин, аммо сизнинг ошна-оғайниларингиз кўп. Ахир Оксфорддаги курсдошларингиздан кўпчилиги ҳозир Англияда юқори лавозимларда ишлаёттан ёки ижтимоий ҳаётда муҳим роль ўйнаётган оўлса керак. Балки қарз олишга муваффақ бўлармиз?

Кшепицкий бу сўзлари билан ўз умидларини чиппакка чиқазганини хаёлига ҳам келтирмаган эди.

Никодим қовоғини солиб, унга жим бўлинг, дегандай ишора қилди.

«Ҳа, — дея ўйлади у, — мен буни мутлақо унутибман. Мен бош министр сифатида турли элчиларни қабул қилишим керак. Ҳатто Женевага боришга ҳам тўғри келар. Тўғри, мен таржимон олишим мумкин, лекин у ҳолда менинг поляк тилидан бошқа ҳеч қандай тилни билмаслигим ошкор бўлиб қолади... Бунинг устига анови лаънати Оксфордни айтмайсизми!.. Ниҳоят, бу машмашанинг менга нима кераги бор?..»

У ўрнидан турди, Нина билан Кшепицкий унга безовталаниб қараб туришарди.
— Гап бундай, — деди қатъий оҳангда Дизма, — мен бош мииистрлик лавозимини қабул қилмайман.
— Пан раис, ахир...
— Ҳеч қандай гап-сўзга ўрин йўқ. Қабул қилмайман — вассалом!

Кшепицкий мажолсизланиб стулга ўтирди. Нина турган жойида тошдай қотиб қолди.

Никодим сочларини тўғрилади ва бошини баланд кўтариб, эшикни очди...

Вестибюль дарҳол жимиб қолди, барча ўрнидан турди.

Дизма эшикни ёпмай, тўғри директор Литвинекнинг олдига келди-да, атрофдагиларга бир кўз югуртириб чиққач, оҳиста деди:
— Пан Литвинек, марҳамат қилиб, пан президентга айтиб қўйсангиз: менга билдирган ишончи учун ундан ғоят миннатдорман, аммо бош министрлик лавозимини қабул қилолмайман.
— Пан раис!.. — дея хитоб қилди воевода Шеймонт ва дарҳол жимиб қолди.
— Нега энди?! Нега?! — дея қичқирди асабийлашиб Пшеленская.

Дизма қовоғини солди.
— Шундай дейишга асосим бор, — деди у шавқсиз овозда.
— Қарорингиз қатъийми? — сўради доктор Литвинек.
— Менинг ҳар қандай қарорим ҳам қатъий бўлади.
— Марҳамат қилиб, давлат бошлиғига тегишли жавобни ёзма равишда бера олмайсизми, пан раис?
— Ёзиб беришим ҳам мумкин.

Никодим бош ирғаб, кабинетига қараб кетди.

Унинг ортидан эшик ёпилган заҳоти ҳамма ёқдан ҳар хил гаплар эшитила бошлади.
— Нега?! Нега энди?! Тушунолмадим!
— Ахир бу даҳшат-ку! Мамлакат жуда ночор — ҳа, ҳа, ночор аҳволда! Билмадим, ундан бўлак бу лавозимни ким эгаллай оларкин?

Вареда бош ирғади.
— У хафа... Огоҳлантиришига қарамай, ғалла банкасининг бошига сув қуйишганидан қаттиқ хафа бўлса керак.

Бир зум жимлик чўккан эди, кабинет эшиги ортидан Дизманинг зарда билан гапиргани эшитилди:
— Ёзинг, жин урсин сизни, ёзинг дедимми, ёзинг вассалом!

Сўнгра ёзув машинкаси чиқиллай бошлади.
— Менимча, пан раиснинг бундай қарорга келишига сабаб, унинг жиянимга бўлган муҳаббати, ҳис-тўйғуси бўлса керак, — дея гап бошлади пани Пшеленская. — Улар яқингинада никоҳдан ўтишди ахир. Бош министрлик вазифаси кишининг вақтини бутунлай олиб қўяди. Пан Дизма эса, гарчи буни ўзи яшириб юрса-да, жуда туйғун одам. Биз, аёллар бунақа нарсаларни жуда яхши тушунамиз.
— Ҳа, албатта, — дея унинг гаинни тасдиқлади графиня Чарская.

Рельф елкасини қисиб қўйди.
— Менимча, хонимлар ҳам, полковник ҳам жуда янглишишяпти. Раис Дизманинг фаолиятини кузатишимга қараганда, у ўз шахсиятини ўйлаб иш тутадиган одамга сира ўхшамайди.
— Ҳақиқий давлат арбоби! — деди воевода Шеймонт. — Агар у таклифни рад этган бўлса, бунга сиёсий характердаги бирон сабаб бўлса керак.
— Аммо Ватанимиз ҳалокат ёқасида, турибди ахир!
— Бизга шундай туюляпти, — дея жилмайди воевода, — ҳа, бизга шундай туюляпти. Лекин, аслида, ишлар биз ўйлаганчалик ёмон эмас, экономикани сиз билан биздан яхшироқ тушунадиган пан раис хавф-хатар унча катта бўлмагани учун ҳам шахсан ёрдамга ошиқишга ҳали эрта деб ўйлаганига аминман.
— Лекин у бир марта мамлакатни қутқариб қолган эди! Қандай зўр иш қилган эди-я ўшанда!
— Ҳа, у ҳақиқий Цинциннат , — деди насиҳатомуз оҳангда воевода. — У жуда катта хавф туғилгандагина омочини қўйиб, ёрдамга ошиқади.
— Ҳа, ҳа! — деди хонимлардан бири. — У ҳали албатта ҳокимиятни қўлга олиб, Ватанимизни ҳалокатдан қутқаради.
— Ажойиб одам! — деди маънодор қилиб воевода. Кутилмаганда бурчакдан қарғанинг чўзиб қағиллашига ўхшаш бўғиқ кулги эшитилди.

Шу тобгача ҳеч ким жимиб қолган Жорж Понимирскийга эътибор бермаган ва шунинг учун ҳам унинг энсаси қотиб ўтирганини сезмаган эди. Жорж анчагача қулоқ солиб ўтиргач, охири чидаб туролмади. У стулда чайқалганича қотиб-қотиб куларди.
— Нимадан куляпсиз.? — ранжигандай бўлиб сўради воевода.

Жорж кулишдан тўхтаб сапчиб ўрнидан турди. У бир неча марта моноклини тақмоқчи бўлди-ю, бироқ қўллари қалтираб, сира тақа олмади. Унинг ғазаби ғоят қайнаб кетган эди.
— Нимадан, дейсизми? Нимадан эмас, кимдан, деб сўранг! Сизлардан куляпман, билдингизми, сизлардан! Жамият устидан, муҳтарам ватандошларим устидан куляпман!
— Пан Понимирский!
— Жим! — дея ўшқирди Понимирский. Унинг касалманд боланикига ўхшаш заъфарон юзи ғазабдан қип-қизариб кетди. — Ўчиринг овозингизни! Sapristi! Сизлардан куляпман! Сизлардан! Жамият устунлари! Ха-ха-ха... билиб қўйинг, бўлмасам: ўша давлат арбобингиз, ўша Цинциннат, ўша буюк одамингиз, ўша Никодим Дизма— сизларни алдаб юрган ҳақиқий муттаҳам бўлади! У аблаҳ, суллоҳ, шу билан бирга ғирт аҳмоқ одам! Экономика у ёқда турсин, орфографиядан ҳам балони билмайдиган эси паст у. Мутлақо тарбия кўрмаган разил бир одам. Унинг башараси, ўзини тубанларча тутишига бир қаранг: аҳмоқ, нуль! Виждоним ҳақи, у Оксфордда ўқиш у ёқда турсин, ҳатто биронта чет тилини ҳам билмайди. Кисавурга ўхшаган қўпол, шубҳали бир шахс! Наҳот шуни кўрмасангиз? Боя сизларни алдаб юрибди, деб нотўғри айтган эканман: йўқ, сизларнинг ўзларингиз бу махлуқни тахтга чиқариб қўйгансиз! Ҳа, сизлар! Ҳаммангиз миянгизни еб қўйибсизлар! Сизлардан куляпман, аҳмоқлар! Тўнкалар!..

Ниҳоят, у моноклини тақиб олди. У нафрат билан барчага бирма-бир кўз югуртириб чиқди-да, сўнг эшикни шарақлатиб ёпиб чиқиб кетди.

Қапалаги учиб кетган доктор Литвинек одамларга ҳайрон бўлиб қаради: барча хижолат чекиб, ачинганича жилмайиб турарди.
— Бу нима деган гап?! — дея сўради ниҳоят доктор Литвинек. — Бу жаноб ким ўзи?

Унга Пшеленская жавоб қилди:
— Кечирасиз, пан директор, у йигит менинг жияним — пан раиснинг қайнағаси бўлади. Ўзи беозор. Одатда у жимгина юрарди... Эси сал кирарли-чиқарлироқ.
— У телба, — дея тушунтирди воевода.
— Бечора бола, — деди хўрсиниб графиня Чарская.
— Ҳа-а, — дея жилмайди Литвинек, — ҳа, албатта, телбалиги шундоқ кўриниб турибди.


Сўнгсўз

Дунё адабиёти тарихида буржуа жамиятида ёш йигитнинг мартаба йўли тўғрисида ҳикоя қилувчи асарлар анчагина топилади. Бу мансабпарастлар галереясида жамиятда муносиб ўрин эгаллашга лойиқ бўлган кучли ирода соҳиби бўлмиш кишилар ҳам бор. Стендалнинг «Қизил ва қора» романидаги Жюльен Сорель шулар жумласидандир. Аммо улар орасида Мопассаннинг «Азиз0 дўстим» романидаги Жорж Дюруа каби иғво йўли билан мақсадга эришувчи кишилар ҳам учрайди.

Мана энди китобхонга қисқа давр ичида катта мартабага эришган яна бир одам ҳақидаги асар — поляк ёзувчиси Тадеум Доленга-Мостовичнинг (1898—1939) «Муттаҳампинг парвози» романи тақдим қилинмоқда.

Ҳозирги замои китобхонига Никодим Дизманинг бундай катта мансабга эришишн ақл бовар қилмайдиган нарса бўлиб кўрипади. Ялқов, тўпори ва қашшоқ бир одам тасодиф туфайли йирик давлат арбобига айланади, уни ватан халоскори, дея кўкларга кўтариб мақташади, бош министр бўлишшга илтимос қилишади. Ҳаммаси тасодиф туфайли содир бўлаётгандек туюлади, бироқ Дизманинг бундай юқори мансабга эришишини ўз моҳиятига кўра тасодиф деб бўлмайди.

Доленга-Мостовичнинг қаҳрамони бундай муваффақият учун ўша давр Польша ҳукмрон доираларидан миннатдор бўлмоғи лозим. Уни юқорига қалқитиб олиб чиққан ва «мамлакат халоскори» деб атаган кишилар ўшалар бўлади.

Польшада 20—30-йиллартшг бошида иқтисодий ва сиёсий кризис кескинлашган сари мамлакатни қутқариши мумкин бўлган «кучли одам» ҳақида кўпроқ айюҳаннос сола бошлашди. «Бизга кучли одамлар керак», Никодим Дизма Европа меҳмонхонасида Австрия канцлери шарафига ёзилган зиёфатга борган заҳоти ана шу гапни эшитади. Романнинг охирида телба зодагон Жорж Понимирский «Жамият устунларнга» қарата: «Сизлариинг ўзларингиз бу махлуқни тахтга чиқариб қўйгансиз! Ҳа, сизлар! Ҳаммангиз миянгизни еб: қўйибсизлар!» — дея хитоб қилади.

Дизма аввалига шон-шуҳрат ва ҳокимиятга сира ҳам интилмаган эди. Унга иш бўлмаса-ю, ош бўлса — шунинг ўзи кифоя эди. Дизма муваффақиятга интилиш у ёқда турсин, оқим ўзини қаёққа олиб кетаётганини ҳам тушунмасди. «Чамаси» пешанамга мўътабар одам бўлиб ўлиш ёзилган кўринади», — дея мулоҳаза қиларди ўзича у.

Дизма қолоқ Лисковдан Варшавага келганида бу шаҳарни забт этиш, катта мартабага эришишни хаёлига ҳам келтирмаган эди. У ўзига ресторанда танц-бошқарувчиси каби оддийгина иш қидирарди. Бироқ уни ҳамма ердан қобилиятсизлиги ва жиззакилиги учун қувиб солишади. Ўзига жуда ҳуш ёқадиган «Фил» қовоқхонасидаги мандалиначилик ишидан маҳрум бўлгач, Дизма бошини суқарга жой тополмай қолади. Агар «Фил» қовоқхонаси ёпилиб, Никодим ишсиз қолмаганида эҳтимол, у бутун умрини мандолина чалиб ўтказарди.

Дизма бирор ишга лаёқатсизгина эмас, ҳатто ҳеч нимага интилмайди ҳам! У фақат бир оз пул йиғиб, ҳеч қандай ишга қўл урмай, судхўрлик қилиб яшашни орзу қилади.

Никодим мартаба поғонасидан юқори кўтарилгани сари кўпроқ маънавий инқирозга учрайди. У Европа меҳмонхонасининг остонасидан ҳатлаб ўтганида ҳали жиноятчи эмасди. Бироқ у аста-секин инсонлик қиёфасини йўқота бошлайди. «Бу жулдурвоқиларнинг танобини тортиб қўйиш керак! — дея қичқиради у. — Ялангоёқларнинг бир қисми қирилиб кетса ҳеч нима қилмайди!».

Жамиятда катта мартабага эришгач, Дизма қотил ва ўғрига айланади. Бочекнинг ўлдирилиши Дизманинг биографиясида ёлғиз қотиллик бўлиб қолмаслигини китобхон яхши тушунади. Романнинг охирида кўз ўнгимизда ҳокимиятни қўлга олгач, анча қон тўкадиган жиноятчи намоён бўлади. Дизманинг ҳокимиятни қўлга олиши эса аниқ. Ҳозирча у «қўлга тушиб қолишдан» чўчиб, бош министрлик лавозимиии рад этади. Лекин бир оз вақт ўтгач, романдаги киборларнинг тили билан айтганда «у ҳали албатта ҳокимиятни қўлга олиб, ватанни ҳалокатдан қутқаради».

Доленга-Мостович ўз романида ғоят характерли воқеани тасвирлаганидан поляк танқидчилигида номуносиб, истеъдодсиз ва калтабин одамнинг давлат арбобига айланишини ифодаловчи «дизмизм» деган термин пайдо бўлди.

Дизманинг мартаба йўли, шу қадар тубан одамнинг ҳокимият тепасига чиқишига имконият яратилишининг ўзи даҳшатдир. «Доленга-Мостовичнинг қаҳрамонлари бошидан кечирган саргузаштлар мудҳиш эртакни эслатади», — дея ёзган эди 1956 йили «Жиче литерацке» газетасида Стефан Отвиновский.

Роман ғоят катта муваффақият қозонди. Деярли барча қаҳрамонлар ҳаётда ўз прототипларига эга эдилар. Ўттизинчи йилларнинг китобхонлари роман қаҳрамонлари тимсолида ўша давр Польша давлат арбобларини осонгина таниб олгандилар. Дизманинг тарихи Доленга-Мостовичнинг замондошлариға тасодифий кишиларнинг юксалиши мисолидан яхши таниш эди.

«Қасдма-қасдликка энг аҳмоқ одамни бош министр қилиб тайинлайман. Ўтакетган калтабин ҳам премьер бўлиши мумкинлигини кўрсатиб қўяман уларга», — деган эди бир куни Польшанинг ўша пгйтдаги ҳукмдори маршал Пилсудский. Бу гапини исботлаш учун у бир йили археология профессори Деон Козловскийни қишлоқ хўжалиги министри қилиб тайинлаган эди.

«Муттаҳамнинг парвози»дан сўнг Доленга-Мостович яна ўн бешта роман ёзди. Бу асарлар ҳам китобхонлар орасида катта муваффақият қозонди. Бунинг сабаби авторнинг социал ва маиший конфликтларни яхши ҳис этиб, уларни маҳорат билан тасвирлай олишида, албатта.

«Муттаҳамнинг парвози» 30-йиллардаги Польша буржуа жамиятидаги зиддиятларни акс эттирувчи муҳим ҳужжатдир. 1939 йили фашист қўшинлари Польшага бостириб кирганида Доленга-Мостович капитан унвонида армияга сафарбар этилади ва кўп ўтмай ҳалок бўлади.

«Муттаҳамнинг парвози» романи ҳозирги кунга қадар ўз аҳамиятини йўқотмай, Польшада қайта-қайта нашр қилинмоқда. 1956 йили бу роман асосида фильм яратилди.

Д. Гальперина
III- qism
 
Keyingi