OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифТемир Қурбон
Асар номиЎлим шарпаси (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Темир Қурбон
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм43KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/05/15
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


Нашр белгилари
«Шарқ юлдузи» журналининг 2011-йил, 6-сонидан олинди.


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Ўлим шарпаси (ҳикоя)
Темир Қурбон

Сўнгсиз ўйлар уммонига ғарқ бўлган Умаршайх мирзо сокинлик ҳукмрон сув сатҳида жимирлаётган нурлар рақсини ҳайрат тўла нигоҳи билан томоша қиларкан, йигирма-ўттиз қадамлар чамаси қуйирокда тизза бўйи келадиган ўтларнинг шитирлагани эшитилди. Ички бир ҳадик билан ортига ўгирилган эди, хизматига шай турган мулозимларига кўзи тушди. Унинг хавотири ҳали буткул аримай, шитирлаш яна так­рорланди. Сал фурсат ўтиб, Сайхуннинг яланг қирғоғида сув ичаётган оҳу кўринди. Унинг тим қора кўзлари Умаршайх мирзога суюкли кенжа хотини Қоракўзбегимни эслатди. У на ўрнидан туришни ва на бошқа бир ҳаракат қилишни билмай, оҳунинг сув ичишини томоша қиларди. Оҳу эса серрайиб турган мулозимларга ҳам, унга ҳам эътибор бермай, чанқоғини қондирарди. Эҳтимол, оҳу ўзига таҳдид қилиши мумкин бўлган хавфни сезгандир-у, лекин саратоннинг жон олғучи иссиғига дош беролмай, дарё бўйига келгандир.

Қизиқ, нега у ёлғиз, тўдадан ажралиб бир ўзи келган? Ундай деса, Умаршайх мирзо ёлғиз эмасми? Айниқса, ҳамма қариндошлари бирлашиб, бир ўзига ҳамла қилишаётган-да... Шунинг учунми, мирзо ҳатто мулозиму қўрчилари қуршовида ҳам ўзини ёлғиз сезарди. Эҳтимол, табиатнинг бу тилсиз жонивори ҳам ўз тўдадагилари билан тил топиша олмагандир...

Оҳу сув ичиб бўлиб ҳам бошини кўтармади. Сув юзида жимирлаётган ранг­лар жилвасига бир муддат тикилиб турди-да, кейин қуралай кўзларини тўлин ойга қадади. Худди ой билан сўйлашаётгандай ва сўзларини тасдиқлаётгандай бошини силкитиб-силкитиб қўйди. Сўнгра лойга ботиб қолган олд оёқларини ялаб, ела кетди.

Оҳу ўзидан узоқлашган сайин Умаршайх мирзода уни тутиб олиш иштиёқи ортди. У ўйлаб ҳам ўтирмай, дуч келган биринчи отга яйдоқ минди-ю, оҳуни қува бошлади. Таъқибни сезган оҳу бошини буриб қараган эди, унинг тим қора кўзлари яна Қоракўзбегимни эслатди. Нима қилиб бўлса ҳам, уни тутиб олиш қасдида Умаршайх мирзо отига пайдар-пай қамчи босди. Аммо сезгир оҳу ундан олдинроқ ҳаракатини қилиб дашт сари юзланди. Шамолдай елиб бораётган оҳудан ортда қолмай, изма-из келаётган мирзонинг оти хунук ириллаган товушдан ҳуркиб илкис тўхтади. Ўзини ўнглаб ололмаган мирзо от устидан учиб тушди. Олд оёқларини осмон бўйи кўтарган от ҳам мувозанатини йўқотиб, унинг устига қулади. Оғриқнинг зўридан дунё кўзига қоронғи кўриниб, шердек ўкириб юборди...

Таҳликали тунни ҳали ўн саккизга ҳам тўлмаган Қоракўзбегим билан ўтказган Умаршайх мирзо ўз овозидан чўчиб уйғониб кетди. Хайрият, туши экан. У ҳали ҳам темирчининг босқонидек кўтарилиб тушаётган сержун кўкрагига туфлаб, ёнига ўгирилиб қаради. Мирзонинг эҳтиросли эркалашларидан толиққан Қоракўзбегим ҳеч нарсадан бехабар ширин уйқуда эди. У бегимнинг тим қора кўзларига соя ташлаб турган қалин киприкларига меҳр билан нигоҳ ташларкан, яна ўша бехосият туш эсига тушди. Тавба, туш ҳам шунчалик аниқ-тиниқ бўладими? Ахир, у сувларнинг ой нурида жимирлашини, ҳуркович оҳунинг тим қора кўзларини худди ўнгидагидек кўриб, ўт-ўланларнинг шитирлашини, хунук ириллаган товушни ўз қулоқлари билан эшитди-ку...

Умаршайх мирзо зарбининг зўридан не-не баҳодир йигитлар ер ўпган забардаст қўллари билан сержун кўксини ғижимларкан, раҳматли отаси Султон Абусаид мирзонинг (аллоҳ ундан рози бўлсин!) овози қулоқлари остида жаранглаб кетди: «Ўғлим, тушда яйдоқ от кўрсанг, эҳтиёт чорасини кўрмоқ лозим. Илло, у ўлим шарпасидир...».

Умаршайх мирзо тўшакда ўтирганча тушини яна бир бор бошдан-охир эслаб кўрди-да, шахт билан ўрнидан турди. Ҳаво дим бўлгани учун одатдагидан енгилроқ кийинди ва сармаст уйқуда ётган Қоракўзбегимни ёлғиз қолдириб ҳарамдан чиқди. Эшик олдида турган қўрчиларга эътибор ҳам бермай, саройнинг кунчиқар қисмига қараб юрди.

Неча йилдан буён садоқат билан хизмат қилаётган офтобачи мирзонинг ташрифини интиқлик билан кутаётган эди. Умаршайх мирзо мушк-анбарлар қўшилиб махсус тайёрланган сувда роҳатланиб чўмиларкан, бир зумга бўлса-да, хаёлини банд қилган бадбин ўйлар гирдобидан халос бўлди. Лекин бу оний лаҳзалар узоққа чўзилмади. Пахтадай момиқ сочиққа артаётган юзларини кўзгуга солган мирзо негадир унда ўзини эмас, балки қанчалик гўзал бўлса, шунчалик қаҳри қаттиқ Фотима султон оғани кўргандек бўлди. Эҳтимол, уни қийнаётганларнинг бошида айнан Фотима султон оға тургандир. Унда эндигина бир мучалга тўлган Бобур мирзонинг ҳоли не кечади?! Ота-боболари унга ишониб топширган салтанатнинг-чи?

Саодатли кунлари тугаб, қабоҳатли тунлар яқинлашаётганини ич-ичидан ҳис қилган Умаршайх мирзо машварат чақиргани эсига тушиб шошилди.

Тонг отишига ҳали анча бўлса-да, машваратхона эшиги олдида гурунглашиб турган сарой аъёнлари кўринди. Мирзо уларнинг уйқусизликдан киртайган кўзларига, ҳорғинлик муҳр босган юзларига қараб, бу тун сарой аҳлининг ухламаганига амин бўлди. Ўзи тунни қизи тенгги Қоракўзбегим билан ўтказганини эслаб, ичидан ғижиниб қўйди.

Умаршайх мирзо танобий хона тўрига қўйилган нақшинкор курсига ўтираркан, бекларга қўли билан ўтиришга ишорат қолди. Анъанага кўра, ҳар ким ўз мавқеига қараб жойлашди. Аъёнларнинг ўтиришини кутган Умаршайх мирзо бир муддат нигоҳларини бўшлиққа қадаб турди-да, кейин машваратга йиғилганларнинг ҳар бирини зимдан кузата бошлади.

Эшик оға Ҳофиз Муҳаммадбек дўлдой мирзонинг маъноли қарашларига тоб беролмай, рапидадек кенг юзида зўрға кўринадиган бит кўзларини оёғи остидаги қип-қизил чўғдек туркман гиламларига тикди. Кўринишидан бекка ҳам ўхшамайдиган, доимо фақир одамлардек одми кийиниб юрадиган Хожа Ҳусайнбекнинг рангпаргина юзидан мирзо ҳеч қандай маъно уқиб ололмади.

Саройда энг юқори мартаба ва мавқега эга бўлган шайх Мазидбек эса ҳали у қарамасдан олдинроқ мудом ёшланиб турадиган кўзларини четга олиб қочди. Унинг равиш-рафторини кўрган мирзонинг юрагини совуқ ўйлар шириллатиб ўтди.

Наҳотки, туғишган биродаридан ортиқ ишонган одамлари, бор давлатини бўлиб берган беклари, содиқликка қасам ичган аҳли умароси энг қийин паллада унга хиёнат қилса?! Наҳотки, тушида аён бўлган ўлим шарпаси мана шу танобий хонада кезиб юрибди?! Унинг ҳар бир сўзини амри вожиб деб билувчи бу беклардан қай бири мирзони мавҳ этиши мумкин? Бир эмас, икки марта ёвлашган Али Мазидбекми?! Ё қанчалик мардона бўлса, шунчалик фитнага ўч Ҳасан Ёқуббекми?!

Садоқати зоҳир Қосимбек қавчиндан гумон қилиш густоҳликкина эмас, ақли кўтоҳлик ҳам бўлур эди. Шунинг учун ҳам мирзо ундан сакратган нигоҳини Бобоқули Бобо Алибекка қадади. Йўқ, гарчанд, рўза тутмаса-да, бенамоз юрса-да, унга ҳар қачон ва ҳар қаерда ишонса бўлади.

Оға-ини Али Дўст ва Мирғиёс бугун ҳаммадан кўра хотиржамроқ кўринарди. Эҳ­тимол, сиртига сув юқтирмай ўтирган ана шу мўғул амирзодалари унга панд беришни мўлжаллашаётгандир? Ахир, хотин томонидан мирзога уруғ саналган оға-иниларнинг ҳар иккаласи ҳам хулқ-атворию совуқ қилиқлари билан ҳаммага отнинг қашқасидек маълум-ку. Айниқса, мунофиқлигу фитнакорликда уларнинг олдига тушадиган одам зоти йўқ. Ундай деса, куракда турмайдиган беъмани ишларини билса-да, падари бузруквори замонидагидек ҳар иккаласининг ҳурматини жойига қўйиб келяпти-ку.

Пойгакдан жой олган Али Дарвеш билан Қанбар Алидан мирзонинг кўнгли тўқ. Али Дарвеш илгари отаси Султон Абусаид мирзо хизматида бўлган, кейин Умаршайх мирзо хизматига ўтган, содиқ беклардан эканини бир неча бор исботлаган. Қанбар Али мўғуллардан бўлиб, Ахтачидан эди. Қайнотаси Юнусхон қошида офтобачалик қилиб, кейин беклик рутбасига эришган. Бундай одамдан ёмонлик чиқишини мирзо хаёлига ҳам келтиролмасди.

Аммо кўнгли сезиб турибди: фитна эҳтимолдан холи эмас. Унга суиқасд қилмоқни дилига тукканлар ҳам шу ерда, рўпарасида ўтиришибди. Лекин ким бўлиши мумкин? Эҳтимол, улар кўпчиликдир...

Умаршайх мирзо иккинчи бор, фақат бу гал олдингисидан тезкор, йиғилганларни кўздан кечира бошлади. Нигоҳи, ногаҳон Али Мазидбекда тўхтаганда, эҳтимол, буни кутмагандир, беихтиёр типирчилаб қолди. Гўштдор бурни, кенг пешонасида реза-реза тер кўринди. Қозондай катта салласи остидан дўнг пешонаси орқали кўзларига тушаётган шўр томчиларни артишга ҳам ҳоли бўлмай ўтирган ўрнига сингиб кетди.

Хавотирга тушган шайх Мазидбек нигоҳи билан далда бериш учун Али Мазидбекдан кўзини узмасди. Бироқ, у оғир жиноят устида қўлга тушган одамдек бошини кўтаролмас, нафақат рўпарасида ўтирган шайх Мазидбекка қарашга, ҳатто чуқурроқ нафас олишга ҳам ҳадиксирарди.

Орага тушган узоқ жимликни бартараф этиш ҳамда шошилинч кўрилиши лозим бўлган чора-тадбирларни келишиб олиш учун Умаршайх мирзо забардаст муштумига қисқа йўталиб олди-да, бекларга юзланди:

– Хўжанд суйининг жануб жонибидан черик тортган Султон Аҳмад мирзо ва шимол тарафидан бостириб келаётган Султон Маҳмудхон қўшинлари кун сайин пойтахтга яқинлашаётгани сизга аёндир. Ҳозиргина Исфара ҳам ёғий илкига ўтгани ҳақида хабар олдик. Энди Марғилондан чопар келишига илҳақмиз. Агар Марғилон ҳам ёвга таслим бўлса, Андижон қўрғони хавф остида қолади.

Ҳамма бирдек сукутга чўмди. Фақат биринчи вазир даражасидаги эшикоға Ҳофиз Муҳаммадбек дўлдойгина сўз қотишга жазм этди:

– Ҳазрати олийлари, эҳтимол, тағин бошқа чопар юборурмиз?

Умаршайх мирзо эшик оғанинг сўзларини эшитмагандек унга жавоб қилмади. Нафсиламрини айтганда, янги чопар юборгандан не наф? Униям ё йўлда душманлар ушлаб олишади, ё ўзи ёғий томонга ўтиб кетади.

– Эрталабгача кутамиз. Агар Марғилондан бирор хабар бўлмаса, унда... унда «қанотли чопарлар»ни юборамиз. Машварат тамом. Ҳаммага ижозат.

Аъёнлар озодлик теккан мактаб болаларидек «гур» этиб ўринларидан қўз­ғалишди-ю, кейин нима қилишларини билмай тек тураверишди. Одатда, машварат тугагач, танобий хонани биринчи бўлиб Умаршайх мирзо тарк этар, сўнгра бошқа беклар чиқишарди. Ҳозир эса мирзо нақшинкор курсидан қўзғалмас, ўз хаёлларига шунчалик берилиб кетгандики, ҳатто атрофи жавонибида нималар бўлаётганини ҳам илғамас эди.

Ноилож қолган аъёнлар олдин эшик оға Ҳофиз Муҳаммадбек дўлдойга, кейин шайх Мазидбекка савол назари билан қарашди. Эшик оға бир муддат тараддудланиб тургач, тўрда ўтирган Умаршайх мирзога таъзим бажо келтириб, орқаси билан эшик томонга тисарилди. Шайх Мазидбекнинг унга таассуб қилгани бошқаларга ҳам далда бўлди-ю, ҳамма бирин-кетин машваратхонани тарк этди.

Умаршайх мирзо хаёлот денгизига шунчалар шўнғиган эдики, аъёнлар қачон чиқиб кетишганини ҳам сезмай қолди. Нигоҳини бўшлиқдан узиб, эрон ва туркман гиламлари устига осиб қўйилган турли яроғ-аслаҳалар, севимли машғулоти бўлган шикорлардан эсдалик бўлиб қолган ҳар хил мўйналарга қадаркан, дафъатан уни сўнгсиз ваҳима чулғади. Назарида, деворга илиғлиқ камон ўқлари уни нишонга олаётгандек, ўткир тиғли найзалар кўксига санчилаётгандек туюлди. Ҳадик тўла нигоҳини қаерга яширишни билмай оёғи остига тикилди. Нақшу нигорлари ҳар тусда товланиб турган чўғдек гилам уни яна хаёлот уммонига ғарқ қилди...

Ўшанда Умаршайх ўттиз ёшли қарчиғай йигит эди. Неча бор жанг қилиб, тахту юрт талашиб, талофат кўрган бўлса-да, тавбасига таянмаган жувонбахт мирзо яна акасига қарши жангга кирганди. Қайноғасининг мададига таянган Умаршайх мирзонинг бу гал Самарқанд тахтини эгаллашига ишончи комил эди. Ўзининг ўн беш минг аскарига қўшилган Султон Маҳмуднинг ўттиз минг кишилик қўшинига акаси Султон Аҳмаднинг дош бериши амри маҳол...

Уч томондан баравар сафар бошлаган черик Шоҳруҳияда тўқнашиши лозим эди. Аммо мағлубият муқаррар эканини билган Султон Аҳмад пири муршиди Хожа Аҳрорга одам юборган экан. Беҳуда қон тўкилишини сезган фуқаро ва акобирлар пуштипаноҳи ҳазрати эшон шошилинч йўлга чиққанлар. Замоннинг аъжубаси бўлган Каъбаи мақсуднинг келишидан хабар топган хон ҳам, мирзолар ҳам юрак ютиб қонли жангга киришолмадилар.

Илоҳий сирлар орифи ҳазрати Хожа Убайдуллоҳ ўшанда яна бир бор каромат кўрсатган эдилар. Мухораба майдонига етиб келган Хожа Аҳрор Султон Маҳ­мудхонни ҳам, ака-ука мирзоларни ҳам қошига чорлади. Улар етиб келганда муборак ёшлари саксондан ошган, қордан яралгандай бошдан-оёқ оппоқ либосга бурканган ҳазрати эшон ерга тўшалган чоғроққина бир гилам устида тасбеҳ ўгириб ўтирардилар.

Каромати бисёр эшон жаноблари аввал Султон Маҳмудхонни, сўнгра уришқоқ ака-укаларни гиламга таклиф қилди. Табиийки, ўшанда улар нималар бўлаётганини англамаётган эдилар. Эшон ҳазратлари уларнинг саросима тўла кўзларига бир-бир боқиб шундай дегандилар:

– Нечун шу кичик бир гиламга сиғишган одамлар неча минглаб гилам тўшалса жойлашадиган кенгликка сиғмайди. Башарти, учовингиз бир гиламга сиғишиб ўтира олсангиз, беҳуда қон тўкмоклик нечун?!

Султон Маҳмудхон ҳазратнинг бу жўяли саволига не деб жавоб қилишни билмасди. Султон Аҳмад муршиди комили эшон ҳазратларининг кароматларига ичида таҳсин ўқиб ўтирса-да, қилган ишидан мулзам эди. Умаршайх мирзо бошини эгиб сукут сақлашдан ўзга чора тополмади.

Умаршайх мирзони бирда эшон ҳазратлари, бошқа сафар эса, қайнотаси Юнусхон не-не муқаррар мағлубиятлардан асраб қолган эди. Афсуски, энди ҳар иккиси орада йўқ – охират сафарида...

Ўзини ожизу нотавон сезган Умаршайх мирзонинг юраги сиқилди. Назарида кенг-мўл танобий хона ҳам торлик қилаётгандай, кўкрагидан зилдек юк босиб, нафас олиши қийинлашди. Яна бир оз ўтирса, шифт босиб қоладигандек илкис ирғиб турди.

Умаршайх мирзо чорпахил гавдасига қараганда енгилроқ қадам ташлаб таш­қарига чиқди. Паст бўйи ва қўба юзига мос тегирма соқоллик иягини қашлай туриб кўзлари ногаҳон милтираётган юлдузга тушди. У бир кўзга ташланар, бир яна йўқликка юз тутарди. Негадир ҳозирги ҳолатини ана шу бемажол ва бенажот юлдузга менгзаб, кўнгли бузилди. Ғайришуурий тарзда хотирада яна ўша бехосият туш жонланди: тим қора кўзли оҳуни яқиндагина никоҳига олган Қоракўзбегимга, яйдоқ отни эса бош хотини Фотима Султон оғага қиёс қилди. Бу ўхшатишдан ўзи ҳам қўрқиб кетди. Ахир, яйдоқ от ўлим шарпаси-ку!

Эҳтимол, унга томирида мўғул қони оқаётган Фотима Султон оға чоҳ қазиётгандир. Ахир, кўз очиб кўргани бўлса-да, Бобур мирзодек валиаҳднинг онаси Қутлуғ Нигорхонимнинг саройдаги мавқеи нафсониятига тегаётгани кундек аён-ку! Эҳтимол, у зимдан Умаршайх мирзога қўшиб Бобур мирзони ҳам маҳв этиш ва ўғли Жаҳонгир мирзони тахтга ўтқазиш режасини тузатаётгандир. Агар ўн ёшли гўдак подшоҳ деб эълон қилинса, давлат тизгини онаси Фотима Султон оға қўлида бўлади-да...

Умаршайх мирзо ваҳимали хаёлларини унутиш учун Ахсикат қўрғонининг баланд деворларига қаради. Уларга ёғийнинг илки етмаслигидан мамнунлик туйди. Айниқса, кўкка бўй чўзган бу салобатли деворлар орти тубсиз жарликлардан иборат эканлиги ҳадик тўла кўнглига таскин берди. Узоқни кўзлаб қўрғоннинг даштга туташ шимол томонидан ҳам икки-уч жарлик ковлатгани яхши бўлган экан. Мана энди ҳамма томондан берк қўрғон деворига тармашган ёғий учун бу жарликлар очиқ мозор бўлажак, иншооллоҳ…

Умаршайх мирзо баланд деворларга боқиб кўнгли ўсганча қўрғоннинг ғарбий жавонибига қараб юрди...

* * *

Айни шу дамда шайх Мазидбек эндигина оёққа турган бемордек бўшашиб қолган Али Мазидбекнинг қўлтиғидан олиб, уни қўрғоннинг кунчиқар томонига бошлаётган эди. Бу дарвозахонага олиб борадиган йўлак бўлиб, у ерда ҳеч зоғ кўринмасди.

– Намунча шалвирамасангиз, – норози оҳангда тўнғиллади шайх Мазидбек. – Рўзани бузиб қўйиб, мухтасибнинг қўлига тушиб қолган мўминдек кўзингиз жавдирагани-жавдираган. Сал бўлмаса, мирзо жаноблари сезиб қолиши ҳеч гап эмас эди.

– Айтишга осон, – ўзини оқлашга уринди Али Мазидбек. – Ахир, биз ўз валинеъматимизга қарши бош кўтаряпмиз. Буни бандаям, худоям кечирмайди.

– Бўлар иш бўлиб, бўёғи синиб бўлди, – хотиржам қўл силтади шайх Мазидбек. – Энди туямижозлик қилишингиздан ҳеч бир наф йўқ. Ҳатто валинеъматингизга бориб иқрор бўлсангиз ҳам барибир бошингиз кетиши тайин.

– Мен иқрор бўлайлик деётганим йўқ, – дарҳол эътироз билдирди Али Мазидбек. – Сир очилиб қолса-чи! Унда нима бўлади. Ана шундан хавотирдаман.

Али Мазидбек овозида қанчалик ҳадигу хавотир бўлса, шайх Мазидбекда шунчалик хотиржамлик ҳукмрон эди.

– Худо хоҳласа, сир очилмағай. Аввали худо, аммо камина ҳам вақтида тадоригини кўриб қўйганман.

– Қандай қилиб?!

– Авваламбор, менинг қўрғонимда сизни кўрганлар аллақачон Сайхундаги балиқларга ем бўлган. Сониян, биз мирзони қатл этмаймиз. У ўз ажали билан ўлади.

– Ўз ажали билан ўлади? – Али Мазидбекнинг ҳайронлиги ортди. – Қачон Азроил келиб, жонини олади деб кутиб ўтирсак, Султон Аҳмад мирзо билан Султон Маҳмудхон иккимизнинг ҳам бошимизни силамас.

– Боракалло, – мамнун жилмайди шайх Мазидбек. – Шуни яхши биларкансиз, нечун мунчалар саросимага тушасиз. Ҳеч нима бўлмагандек бемалол юраверинг. Фақат менга ваъда қилган олтинларни беришни унутмасангиз бас...

Бир ҳафта бурун ярим тунда Шайх Мазидбек шаҳар чеккасидаги қўрғонига Али Мазидбекни чақиртирганди. Хавф-хатар ҳаддан ортиқ бўлса-да, у бекникига ёлғиз боришни маъқул кўрганди. Қолаверса, Шайх Мазидбек ҳам шуни тайин қилган экан. Иккаласи хуфия учрашиб, Султон Аҳмад мирзо билан Султон Маҳмудхоннинг таклифларини маслаҳатлашмоқчи, маъқул бўлса, аниқ бир режа тузиб олишмоқчи эди. Улар тонггача мубоҳаса қилиб, оқибат Умаршайх мирзони орадан кўтариш билан ўз мақсадларига етишга келишиб олишди. Фақат Умаршайх мирзони кўрарга кўзи, отарга ўқи бўлмаган Али Мазидбек негадир, бу ишда қанча харажат бўлса кўтаришни, аммо ўзи шахсан иштирок этмасликни лозим кўрди.

Ҳозир ўша суҳбатни эслаган шайх Мазидбек Али Мазидбекнинг мурданикидек оқариб кетган юзини кўриб кулгисини тиёлмади.

– Биров ўламан деса, сиз куладирсиз, – бадтар аччиқланди Али Мазидбек.

– Асабни асранг, биродар, асабни, – истеҳзоли илжайди шайх Мазидбек. – Ўладиган ахир сиз эмас, Умаршайх мирзо-ку.

– Секин сўзланг, – қўрқиб кетди Али Мазидбек, – деворнинг ҳам қулоғи бор-а...

– Хавотир олманг, ҳамма беклар биз томонда. Сиздан кейин эшикоғадан тортиб Бобо Алигача ҳар бири билан алоҳида гаплашдим. Уларга ҳам бизнинг режа маъқул бўлди.

Нафсиламрини айтганда, шайх Мазидбек бекларни кўндириши осон бўлмади. Бошда Султон Аҳмаднинг одамига ўзи ҳам рад жавобини берганди. Аммо гоҳ Султон Маҳмуд, гоҳ Султон Аҳмад юборган одамлар келавериб, минг турли ваъдалар беравериб, ҳоли-жонига қўйишмади.

Шайх Мазидбек Умаршайх мирзо даврида кўнгли тусаган неки бўлса, борига эришиб, давру даврон суриб юрса-да, ботинан уни ёқтирмасди. Шунинг учун таклифларга рози бўлгиси келар, аммо оқибатини ўйлаб иккиланарди. Ахир, нима бўлганда ҳам хоинлар бегона эмас: бири хонга жондек жигар, иккинчиси қайноға. Эртага улар суиқасд иштирокчиларини, ҳеч бўлмаса эл кўзига, қатл этмаслигига ким кафолат бера олади?!

Шайх Мазидбек кўнглидан кечган шубҳаю гумонларни такрор этиб, бошқа беклар ҳам бошда оёқ тираб туриб олишди. Аммо у ким билан қандай муомала қилишни яхши биларди. Кимга мирзонинг сархуш пайти етказган озорини, кимга ботиний душманлигини эслатиб, ахийри, айтганига кўндирди. Кажбаҳслик қилганлари ҳам Умаршайх мирзонинг куни битганини, агар бирор тасодиф билан яна тахтда қолса-да, шу бадфеъллиги-ю, уришқоқлиги омон бўлса, бир вақтлар Юнусхонга тақдим қилиб юборганидек, бутун Фарғонани бўлак-бўлаклаб бошқаларга инъом этиб юборишини айтганда, шайх Мазидбек томонга ўтишдан ўзга чора топа олишмади.

Ҳамон нимадир Али Мазидбекка тинчлик бермасди.

– Маъқул, бек жаноблари. Аммо ўйланган режани қандай амалга оширурмиз. Боз устига, ўзимиз четда қолурмиз?

Шайх Мазидбек юзига тантанавор тус бериб, шодон ишшайди.

– Бир ҳафта ичинда Марғилон билан Қўқонга неча бор чопар юборишди. Яна денг, энг учқур отларда, энг тезкор чопарлар. Аммо улардан нечтаси қайтиб келди? Буни ҳеч ўйлаб кўрмадингизми, бек? – Али Мазидбекнинг диққати ортди. Шайх Мазидбек энди унга эътибор қилмасдан давом этди. – Йўлга ўз одамларимиздан қўйиб қўйганман. Агар чопарлар хушхабар олиб келаётган бўлишса, гумдон қилишади. Акси бўлса, ўтказиб юборишади. Тўрт оёқли жониворларни миниб кетган икки оёқли хабарчилар қайтиб келмагач, мирзойингиз «қанотли чопарлар»ини юборишга мажбур бўлади...

– Буни яхши ўйлабсиз, – деди Али Мазидбек, сал тинчланиб. – Лекин суиқасдга бу тадбирнинг нима алоқаси бор?

– Бўлганда қандоқ, – жонланиб кетди шайх Мазидбек. – Биласиз, кабутархона жарлик лабига қурилган. Ишонган одамларимга кабутархона остини қулашига бир баҳя қолгунга қадар ковлаб, томидаги ёғочларни арралаб қўйишни буюрганман. Мирзо жаноблари кабутарларни ўз қўллари билан учиришни ёқтиришлари сизга аён. Агар омадимиз келиб, бу гал ҳам мирзо кабутархона томига чиқсалар, том қулаб тушади. Унинг зилдай гавдасини кўтаролмаган омонатгина кабутархона кучли зарбдан пастга ағанаши турган гап.

– Салоҳиятингизга салламно. Лекин...

– Ҳеч қандай лекин-пекини йўқ, – унинг гапини чўрт бўлди шайх Мазидбек. – Кабутар боқувчи ҳам одам эканини, унинг ҳам сизникидек оғзи борлигини унутманг. Қолаверса, бу оламда олтиндек сариқ иблисга сотилмайдиган бани одамнинг ўзи йўқ. Худо хоҳласа, ҳаммаси кўнгилдагидек бўлади. Мана энди ўйлаган режамизнинг ипидан-игнасигача хабардорсиз. Ҳарқалай, бир оз бўлса ҳам ўпкангиз босилгандир.

– Бек жаноблари, мен қуёнюрак эмасман. Бироқ бу тузлуққа тупуриш бўлмасми? Хавотирим шундан, холос.

– Э, Али Мазидбек, – яна унинг кўзларида истеҳзо учқунлади, – ҳали шу юрак билан Хонзодабегимдек шернинг урғочисига эгалик қилмоқчимисиз?

– Бек жаноблари, ҳаддингиздан ошманг, – Али Мазидбекнинг қўллари беихтиёр камарига осилган яроққа югурди.

– Бўпти, бўпти, – шайх Мазидбек қалтис ҳазили зилга айланиб кетишини сезиб бир оз ён берди. – Тонг ҳам оқариб қолди. Бориб саҳарлик қилайлик. Ҳадемай мирзо ҳазратлари йўқлаб қоладилар...

* * *

Кун чошгоҳдан ошгунга қадар сабр қилган Умаршайх мирзонинг охири тоқати тоқ бўлди. Аммо на Марғилон ва на Қўқондан чопар келди. Ноилож қолган мирзо сўнгги чорани қўллаб, «қанотли чопарлар»ини юборишга жазм этди.

Умаршайх мирзо ўн-ўн беш чоғли мулозим ва беклари билан жанубий дарвозадан чиққанда қуёш заминни забтига олиб бўлган эди. Мирзонинг негадир тихирлик қилаётган отига қамчи босиш учун кўтарилган қўли ҳавода муаллақ қолди. Наҳотки, туши ўнгидан келса?! Наҳотки, ҳали қирчиллама қирққа ҳам тўлмай бу фоний дунёни тарк этса?! Эҳтимол, остидаги арғумоғи ҳам ўша тушида аён бўлган ўлим шарпасидир ва уни муқаррар ўлим сари олиб кетаётгандир...

Отлиқлар жар лабига етиб келишганда кабутарларнинг безовталиги янада ортди. Ўзи шундай ҳам улар кечадан буён сувга ҳам, донга ҳам қарамас, юз бериши мумкин бўлган қандайдир хавф-хатарни сезгандек, ўзларини кабутархона деворига уришар, ташқарига чиқиш йўлларини излашарди. Кабутар боқувчи ҳам нимадандир безовталаниб, оёғи куйган товуқдек типирчилаб, ўзини қўйгани жой тополмасди.

Ҳалиям тинимсиз хаёлларини бир жойга йиғолмаган Умаршайх мирзо Мар­ғилонга учадиган кабутарнинг бошини силаганча кабутархона томига кўтарилди. У залворли қадамлари зўридан ғичирлаб турган зинадан юқорилагани сайин шайх Мазидбекдан тортиб кабутар боқувчисигача ҳамма боши эгилиб, ердан кўзларини узолмай туришди. Фақатгина Қосимбек қавчингина бу ҳолдан ҳайратда эди. Нега улар бу қадар безовта? Бу ерда қандай сиру асрор бўлиши мумкин?!

Қосимбек қавчин саволларига жавоб топгунча нимадир қарсиллаб синди-ю, қўлларига кабутар ушлаган Умаршайх мирзо кўз очиб-юмгунча кабутархона ичига қулаб тушди. Қосимбек ўрнидан қўзғалишга улгурмай, жар лабига ўрнатилган кабутархона пастга қараб инди. Таги нураган қирғоқ ҳам унга қўшилиб жар тубига қулади. Саросимада қолган Қосимбек шер наърасига монанд ҳайқириқни баралла эшитди-да, бошини сараклади. Умаршайх мирзо кабутархона ичида ётганича пастга қуларкан, хаёлида раҳматли отаси айтган сўзларнинг охири бот-бот такрорланарди: «Ўлим шарпаси... Ўлим шарпаси...».