OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифТеодор Драйзер
Асар номиНефт (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Жаҳон/Америка адабиёти
Бўлимлар
   - Натурализм
Муаллифлар
   - Теодор Драйзер
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
ТаржимонСаиджалол Саидмуродов (Рус тилидан)
Ҳажм17KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2014/04/03
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Нефт (ҳикоя)
Теодор Драйзер

Ню-Ёркдан унча узоқ бўлмаган ярим оролнинг жанубий чеккасида Беённ номи билан машҳур бўлган, ўзига хос фаолият учун ажратилган ер участкаси бор. Бу ярим оролни иккита кенг кўрфаз ажратиб туради: бири Нюарк, бошқаси Бруклин томонга — бепоён уммонга қараб чўзилган. Йилнинг ҳар вақтида бу ерда кучли шамол туради. Қорамтир томлар узра балиқчи қушлар чарх урадилар. Ҳаммаёқда баланд-баланд фабрика трубалари, қизил ғиштдан иборат «маъюс» бинолар, ёнилғи учун ҳайбатли думалоқ резервуарлар — қандайдир нохуш алғов-далғовлик, лекин бу тартибсизлик оҳанрабо кучидан ҳоли эмас: ё фавқулодда бадбурушлик, ё фожеавий театр ниқоби эътиборни шундайин тортади.

Бу ерда нефт ишлаб чиқариш, аниқроғи, тозалаш корхонасига асос солинган. Оддий иш кунлари шу ерда саноат деб аталадиган ғоят зўр манзара пайдо бўлади. Пристанга эндигина етиб келган ёки бутун дунё бандаргоҳларига сузиб кетишга тайёр улкан кемалар боғлаб қўйилган. Бош магистрал йўлдан жўнайдиган сон-саноқсиз темир йўллар адоғида бузилмас карвонлардек узундан-узун нефт тўлдирилган турнақатор цистерналар юкларини ўлканинг энг чекка-чеккаларига олиб кетиш учун ўз навбатларини кутиб ётибди. Турли кўриниш ва катталикдаги беадад бинолар муттасил равишда халқа-халқа тутун бурқситиб туради. Булутли кунда, қаёққа қарама, олов қизариб кўринади — оташнинг ўчмас шуъласи қора ва кулранг тусли бир хилликка қандайдир ваҳимали тус бағишлайди.

Бу бир парча ер, ҳар ҳолда, нафақат оғир инсон меҳнати-ла, балки хушманзаралиги билан ҳам диққатга моликдир. Мусаввир бу ерда минглаб ранглар жилоси, минглаб қора, кўкимтир, қизил, мовий рангларни топа олади. Манави трубалар қанчайин улкан — пастак, ер бағирлаган иморатлар устидан қад кўтариб турибди. Юз йиллар мобайнида тўп-тўп денгиз ўтларидан пайдо бўлган ботқоқликлар ҳамда нефт қуйқалари қалқиб турган кўлмаклар ўртасидаги тупроқ қорайиб кетган, ҳисобсиз бинолар деворлари ундан-да қоп-қора: ҳеч бир мусаввир бундай ранг ва туслар уйғунлиги олдида ўзини тийиб туролмайди. Уистлер булардан сурат солган бўларди. Верж ёки Шинн зулматнинг асл моҳиятини англаш ва тасвирлаш нима эканлигини кўрсатган бўларди. Агар бу ёққа таъсирчан одам бехос адашиб келиб қолса, ларзага келади, дили вайрон бўлиб, тушкун кайфиятда жуфтагини ростлаб қолади. Бу доимий ҳаракатдаги юксак зулмат салтанати эди-ю, шу билан бир қаторда кулранг ва қора нафис тусларда жилваланарди.

Аммо бу манзара қанчалик лол қолдирмасин, унинг ортидаги яширин, оғир ҳаёт янада ҳайратомуз. Бу ерда ишлайдиганларни — улар минг-минглаб — ўйлаб ўтирмасдан энг оддий кишилар дейиш мумкин. Албатта, улар ҳеч бир алоҳида истеъдод эгаси эмаслар, йўқса, бу ерда ишламасдилар. Улар сиртдан қараганда унча истарали эмасди, ташқи кўриниш одатда ботинни гавдалантиради холос, бу кишилар зоҳирида кўпинча ақли норасолик сезилиб қоларди. Аксарияти инглизчани бузиб талаффуз этадиган шведлар, поляклар, венгрлар, литваликлар; ҳаётлари оғир, ночор. Кимки тирикчиликнинг бир нави шароитига кўниккан бўлса, у ҳаёт ҳақида бир фикрда тўхталиб, изтиробга тушади. Улар завод ёнидаги ярим вайрон кулбаларда рўзғор тебратишади. Қўл учида кун кўраётганлари биргина Яратганга аён. Маошлари ҳам катта эмас (улар учун бир, бир ярим доллорнинг ўзи яхшигина ҳақ), кўплари оиласини, катта оиласини боқиши керак, негаки камбағал серфарзанд бўлади. Ҳамма ёқда кичкинагина қоронғи пештахталар ва ишчилар қиттай-қиттай қилгани тез-тез кириб ўтадиган жимитдай қовоқхоналар кўриниб туради. Ушбу пештахта ва қовоқхоналарга қараб беихтиёр ўйлайсанки, ҳеч бир одам, қанчалик қуйи поғонада бўлмасин, бунақанги шароитда яшамаслиги ва қачондир табиат бизга ато қилган олий заковатимиз бунга йўл қўймаслиги лозим. Шунга қарамасдан буларнинг бари кўз олдингизда.

Аммо чидаб бўлмайдиган жазирама ёзда ёки қаттиқ совуқда, қор-ёмғирда, табиат кучлари қутурганда бу харобалар қандайдир бадқовоқ дабдаба, мотамсаро ночорлик мисол тус олади — бундай манзара учун табиатга офарин дейиш мумкин! Улар шундай хўмрайганки, шундай маҳзун, ночорки. Рассомлар улардан суратлар, ёзувчилар китоблар, мусиқачилар янги товушлар яратишлари учун илҳом топа оладилар. Бу энг зим-зиё қиёфадаги ҳаёт.

Агар кулбалар яқинидаги заводда кетаётган ишни тасвирламасак манзара тўлиқ бўлмайди — ишки бир зайлдаги, ифлос, ҳаловациз, на онгга, на юракка бирон нима бера олади. Чунки бу ҳар куни такрорланадиган, бир қолипдаги жараён: бочкалар нефт билан тўлдирилади; кейин унга нефт тозалаш хоссасига эга муайян миқдордаги турли кимёвий моддалар қўшилади; нефтни у бочкадан бунисига оқизиш учун жўмраклар буралади ва ниҳоят, автомобил ёки пароходга юкланадиган бочка ва бакларга тайёр маҳсулот қуйилади. Буларни ҳар қандай энсиклопедиядан ўқиб билиб олишингиз мумкин. Мени бошқа томони қизиқтиради: бу ерда, юракни сиқадиган қоронғу туманда, қўланса ҳид ва буғ орасида Xудонинг берган куни одамлар ишлашади. Бу на соғлиққа, на маънавий тараққиётга қулайлик туғдирадиган ярим қоронғулик, бадбўй, заҳарли газга тўлган бу ҳаво нима эканлигини тушуниш учун завод ҳовлисига кириб, хоҳлаган бинога тикилиш, ишчиларнинг ҳолдан тойган, оғир қадам ташлашларига боқишнинг ўзи кифоя.

Ҳамма ёқда фақат нефт, ҳар турли чиқиндилар ва кислоталарни кўрасан. Ҳар тарафдан қора, кўкимтир паға-паға тутунлар осмонга кўтарилади. Оёқ остидаги ер нефтга тўйинган, теваракдаги жамики нарсалар — цистерналар, юк машиналари, асбоб-ускуналар, бинолар ва албатта одамларга нефт сачраб, доғ бўлган. Нефтдан қочиб қутулолмайсан, гўё. Ҳавонинг ўзи ҳам тутун ва нефтга тўйинган.

Шундай шароитда ҳам минглаб одамлар ишлашади. Уларни эрталаб қўлларида нонушта солинган декча ёки сават билан ишга битта-битта қадам ташлаб кетаётганликларини кўриш мумкин: юзлари рангпар, заҳил; муттасил тутун ва зарарли буғдан баъзилари энтикиб-ентикиб йўталишади. Оқшом ортга қайтишади, тинмай йўталишади; кундузги машаққатли меҳнатдан сўнг кеч тушади, тунаш ҳам қоронғу расталар орасида, бошпана деб атолмайсан. Ўрниларига эса узун-қисқа бўлиб, бошқалар келишади. Ҳар тонг ва ҳар оқшом икки соат давомида ишга келиб-кетаётганлар оқими камида икки милга узун ичакдек чўзилади. Уларда на хурсандчилик, на тетиклик руҳини пайқайсан. Барчасини юзида бир зайлдаги, бир қолипдаги ишни бажаришга мажбур кишидагина пайдо бўладиган ифода қотиб қолган. Дарҳақиқат, бу юракни эзадиган кўриниш.

Шундай бўлса-да, мен бу меҳнатни мутлақо чидаб бўлмайдиган демасдим. «Тангрининг амрисиз тикан ҳам кирмайди», — дейилади қадимий мақолда ва бу шубҳасиз, ҳақ гап. Тўғри, бу одамлар баъзи бир ҳиссиётга берилувчанларга ўхшаб унчалик зийрак ва таъсирчан эмаслар. «Атроф-муҳит» тушунчаси уларга нотаниш бўлиши мумкин. Аммо саломатликларига аниқ мана шу ишда путур етади, яшаш шароитлари ҳам жуда ёмон. Бунга юқори бўлмаган тараққиётни ёки камчилгина маошни рўкач қилиш тўғримикин? Албатта, бири иккинчисини тўлдириб туради. Ҳар қандай моддий ёки маънавий ёрдамни ишончсизлик билан қабул қилишган бўлишарди. Нима бўлганда ҳам ҳозиргача уларнинг аҳволини яхшилашга биров урингани йўқ. Уларга иш ҳақи тўлашади, бундан бошқа мадад ҳақида ҳеч ким ўйламайди ҳам.

Масалан, қорғич ва суюқлик ҳайдайдиган кубларни нефт чиқиндиларидан тозалайдиган бутун бошли ишчилар армиясининг тор қазноғи катта муҳандиснинг ҳужрасидан кейин тахталар билан ўралган. Ёруғлик кичкина эшик тирқишидан тушиб туради. Совун ҳам, сочиқ ҳам йўқ, фақат ёғоч тоғорага ўхшаш сув тўлдирилган узун тарнов. Тушда ва оқшомда ўз насибаларидан қуруқ қолмаслик учун уч юздан зиёд ишчилар кириб-чиқадиган қозонхона ҳам ҳавас қилгудек эмас. Кимлардир ишдан кейин чала-чулпа ювинишга киришади, бошқалари исқиртликларича цехдан чиқиб кетаверишади — барибир яхшилаб ювинолмайсан. Бу жуда кўп вақтни олади. Ишчилар учун тоза, шинам ошхона ёки айтайлик, уствошхона қуриш бировнинг хаёлига келмайди. Егуликни уйдан ўзлари билан олиб келишади.

Бироқ мен ёлланма меҳнатнинг мушкулотини аҳлоқ нуқтаи назаридан муҳокама этмоқчиман, мен фақат нефт саноати соҳаси қандай бўлса, шундайлигича тасвирламоқчиман. Агар қайғули томоша таъбингизга тўғри келса, ҳаво айнийдиган кун бу ерда яқин орада ўтмишга айланадиган, дунё оғишмай ўзгараётган бир пайтда, оғир, ҳузур-ҳаловациз меҳнатнинг тугал суратига гувоҳ бўласиз.

Бир томонда қўлларида ҳокимлик ва бойлик бўлган ўта хасис хўжайинлар; иккинчи томонда бу хасислик ва лоқайдликнинг итоатли қурбонлари; барининг боши узра тутун, газ, ҳар ёқда бадбўйлик сингиб кетган тош деворлар. Мабодо ёвуз душманингизни асфаласофилинга жўнатмоқчи бўлсангиз, одамлар шарпадек изғийдиган мана шу жирканч тош деворлардан ўзга муносибини ахтариб тополмайсиз. Табиатнинг бу ўгай фарзандлари қай даражадаги қолоқликда қолишларини тасаввур этиш мушкул.

Пастда – жаҳолат, онгсизлик, ҳиссизлик; юқорида, нефт консерни бош аксионерлари данғиллама ҳовли, шахсий автомобил, суратлар коллексиясига эга. Бешинчи авенюнинг ҳашаматли саройлари, Нюпорт, Палм-Бичнинг қойилмақом курортлари юқоридагилар учун барпо этилган, санъат ва эркинлик ҳам улар учун; қоронғу завод цехлари, қоп-қора тутунлар, касалликлар, бадбўйлик, фақирона кулбалар пастдагилар учун яратилган. Бу олдиндан белгиланган ҳаёт қонуни эмас, деб ким айта олади? Буни ўзгартириб бўладими? Ким бунга қодир?