OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифТилаволди Жўраев
Асар номиДераза ортида (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Тилаволди Жўраев
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм17KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2013/07/03
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Дераза ортида (ҳикоя)
Тилаволди Жўраев

«
«Хайрият, аканг бор, болам...»
Онанинг видолашув сўнгсўзидан.
»

У ўз жойида, чоққина хонасининг деразаси олдида ташқарига боққанча ўтирибди. Миқ этмайди. Миқ этиш қаёқда, тишсизликдан қапишган лабларини қимирлатишга мажоли йўқ. Тишлар кетгач, чўзинчоқ жағи бурнига яқинлашиб қолган. Бужмайган юзини на тўртбурчак, на думалоқ дейиш қийин. Саксондан ошиб, тўқсонга тўқнашиб қолганига қарамай, тилла бошини сочлар тарк этмади. Биргина шу жигарранг, тўлқинсимон, умр бўйи ортга таралган қалин, бақувват сочлар унга бевафолик қилмади. Қизиғи шундаки, улар мутлоқ рангини ўзгартирмади ҳам. Тилла бош елкалар орасига чўкди, ияк тепага ёпишди, кўзлар қисилди, юз чизиқлари тарам-тарам, чуқур ариқчаларга айланди. Соқол оқарди, аммо соч ўша-ўша. Қоши сийраклашди, қабоқларидан киприклар тўкилиб кетди.

Туртиб чиққан елкаларини ҳамон ўша мундири тарк этгани йўқ. Зарҳал, салобатли погонлар ўрнини ҳозир қалин гард қоплаган. Елкага бирон нарса тегса ёхуд урилса, чанг тўзғиши ҳеч гап эмас. Энди у кўчага ҳам чиқа олмай қолди. Кўчага чиқиш у ёқда турсин, ўрнидан ҳам туролмайди, бояқиш. Ёнбоши тилласимон чизиқли, кўм-кўк шим, зарҳал погон, тилла сувли тугмалари ярқираган мундир кийиб, кенг ва маҳобатли прокуратура хонасида тарсиллаб юришлар, тўрдаги минг ўй, минг хаёлда юрак ютиб кириб келиб ўтирган кимса юқорига — осмонга қарасин учун атай юқорилтилган, юракларга янада ғулғула тушишга мўлжалланган кенгқанот қора стол ортида судларникидай суянчиғи новча стулга виқор билан ястаниб ўтиришлар қаёқда, дейсиз. Ҳозирги, дераза ортидаги жойи — биргина азои бадани ғийқиллаб турадиган кекса стул. Xизматини жон дилдан ўтаб бўлган бу стул кейинги пайтларда ором топгандек кам овоз чиқариб қолди. Кун сайин унинг юки енгиллашиб бораётганга ўхшар, асов ҳаракатлар энди безовта қилмасди. Бироқ ёмони, илгари у кечалари юкдан фориғ бўлиб, талай фурсат ором топарди. Кейинги пайтларда, негадир, шундан мосуво бўлган. Ҳам стуллик, ҳам каравотлик вазифасини адо этаётган бу мўйсафид жиҳознинг шериклари ҳам бор, албатта. Чап томонида, дераза рахи остида, ўзига деярли туташ журнал хончаси унга жондош. Xонча Xудо деган экан, юки енгил. Унинг устида бу ерга боғланганми ёхуд собиқ прокурор Мингболаевнинг кафилини олганми, тез-тез қадам ранжида қилиб турувчи аёл келтирадиган егуликлар туради, холос. Кўп эмас, нари борса бир стакан сут ёки қатиқ, кесилган буханка нон бўлаклари, бир дона алмашиб турувчи мева. Ва доим шу ерда туравергич чойнак ҳамда пиёла. Аёл баъзан овқат ҳам келтиради. Мингболаев сўнгги пайтларда овқатдан умуман юз ўгирган. Еса егудек жаҳди бор, аммо... Чап қўл ҳаракати чаққон. Xон билан ияги ўртасида баъзан воситачилик қилиб туради. Ўнг қўл эса, шолми, нима бало, бирда дераза токчасида, бирда стулнинг суянчиғига хорғин осилиб ётади.

Дарҳақиқат, кекса стул илгари кўп дам оларди. Анчадан буён у Мингболаев билан бир жисму жонга айланиб кетди. Авваллари саҳармардон икки-уч соат ғийқиллаб, Мингболаевни кўтариб турарди. Тоқати тоқ бўлиб, сўнгги нафасини ютганда, у йўқолиб қоларди. Бироз енгил нафас олган хизматқул стул бўй чўзиб дераза орқали қараса, кўкиш плашини судраган, бошига ўшандай тусли шляпа қўндирган Мингболаев рўпарасидаги кенг асфалт йўл бўйига чиққан, унинг қирғоқланган бетон тўсқичлари ёқалаб, майда одимлаганча, тўкилиб кетиб бораётган бўларди. Қўлида эскириб, яғири чиқиб кетган қалин матодан тикилган халта. Олдинга сал мункайиб букчайган чол шу алфоз кўздан фаромуш бўларди. Ана шу ўзи ихтиро қилган чизиғи бўйлаб бозор қатнайди у. Ул-бул, емиш келтиради. Қитир-қитир юра-юра, тимирскилана-тимирскилана ошхонада алламбалолар қилади. Аксарият товуш чиқармайди. Гоҳо-гоҳо ўзига хос, бироқ тушунарсиз саслар учади оғзидан. Куч-қуввати жойида чоғларда кунига ош дамларди. Ҳамёни ҳам дуруст бўлса керак-да, емиши ош эди. Кечга ош дамлар, эрталаб, тушда уни иситиб еяверарди. Шомга томон яна ошга уннарди. Шунақа эди у. Ўша пайтлар хотини, болалари тирик эди. Xотини бошқа жойда турса ҳам тез-тез келиб кетарди. Ўғил-қизлари, неваралари хабар олишарди. Уларга ўлат тегди. Касал товуқлардай бирин-кетин йиқилаверишди. Дастлаб ўртанча ўғли ўлди. Оқ қон деган балога дучор бўлди. Кейин кичиги, ундан сўнг каттаси. Энди, қизи ҳозирлик кўра бошлади. Шунда Мингболаевнинг ёдига илгари, қачонлардир домда ёнма-ён яшаган доцент қўшниси тушди. Ўша қўшниси кеч тунда ва эрта саҳар дуо ўқиб дам солаверарди. Домда «тирқ» этган товуш ҳам эшитилиб туради-да. Мингболаев қўшниси табибсифат, оҳангдор «куф-суф»ларини яққол эшитар, у эса эринмай, қироат билан туя лукуллагандай товуш чиқариб ўқийверади. Чамаси, доцент болалари устида шундай қилар, уларга дам соларди. У замонлар «қизил давр»лар, ёмон пайтлар эди. Негадир, доцент овозини баралла қўйиб дам солаверарди. Кейин, Мингболаев ташқари чиқиб, хизмат машинасига ўтираётганда, доцентнинг улкан сумка кўтариб, галстукларни обдон тақиб, тавозе билан институтга кетаётганининг гувоҳи бўларди. Бир томондан унга ғаши келарди-ю, аммо қўни-қўшничилик, индамас эди. Коммунист бўла туриб, устига-устак вилоят прокурори ахир, жилла қурса, ғаши келарди-да.

Болаларига ўлат тегиб, бирин-кетин бевақт нобуд бўлавергач, шу қўшни ва ўша воқеаларни эслади. Эслади-ю, аммо аҳдидан қайтди. Ҳаётида дуонинг кимсага наф келтирганини кўрган эмас. Ҳеч нарсага ишонмайди. Аммо, оилага ёмон қирон келди. Учала ўғилдан ташқари, қизи ҳам ўтди. Қизининг биргина қизи ҳам ўн саккиз ёшида бандаликни бажо келтирди. Ким билади, хотини Раиса Михайловнага бу айрилиқлар оғир келдими ёки вақти қазоси етдими, тез орада у ҳам кўз юмиб кетди. Мингболаеву иккита ўғлидан икки невара қолди. Бева келинларидан бири, кичик ўғлиники, турмуш қуриб кетди. Катта ўғлиникига ҳам ўлат тегди, тобут минди.

Мингболаев дард ёрмади. Ҳар қандай тоғбел одамни ҳам букиб қўядиган, бир оила теграсидаги бу кетма-кет фалокатлар унинг қаддини эгди, шекилли, букчайиб қолди, дард бор шуду будини еб, ичи тўкилди қолди. Кўпинча, бу ғайритабиий йўқотишлар гўё қарғиш янглиғ ич-етини ўртаса-да, хаёл арқоқлари чуваланиб, кўрган-билган, кечган-кечирган, теккан-тегмаган тақдирлару ҳодисотларга менгзалиб, бу хаёлот чизиғи айрим жўнгина фалсафага, ҳаёт сабоқлари натижаси ўлароқ англашиладиган хулосаларга тақалгиси келар, бироқ Мингболаев уларни пашша қўригандек ҳайдаб соларди. Шунда у мустабид икки тушунчага таянар, биллоҳки, ҳозиргилардек икки, уч қават уй қургани йўқ, қолаверса, пора олгани йўқ. Мазкур икки тушунчадан бошқасини ўйлагиси келмас, мантиқ йўрғасини минволиб, тўғри ўйлашга, рости, юраги бетламас, ўргимчак тўрига илиниб қолишдан қўрқарди. Боз устига, аслида, бундай кезда, умр сарҳисобида айтилажак сўнгги таскин: «Ўзи кечирсин», деган жумлага сира тили айланмасди.

Шунча яқини қазо қилиб, у бошқалардан ўзгачароқ хулосага келди — ҳеч кимга таяниш керак эмас экан. Инсонга бирдан-бир таянч оёқ экан, холос. Оёқдан қолмасанг бўлгани, қолгани бир гап бўлар. Ҳа, у оёқдан қолмайди, бу қарори қатъий. Аммо... Бутун ҳаёти шубҳа қилиш машқи бўлган ва бундан жуда катта тажриба орттирган одам — Мингболаев учун бу ҳам, албатта, шубҳадан ҳоли эмас эди. Бор ҳақиқат ҳаққи-ҳурмати шуни таъкидлаш лозимки, шубҳа унинг иши эди. Шу боис унинг қонида бошқа таначалар ҳам ҳамнишин, яъинки, у комил ишончга эга, ҳар қандай нарсанинг порлоқ томонини кўришга мойил эди. Балки шундан-да, шунча жондоши жон узиб, унинг қадди эгилган эса-да, қолган икки набирасига таянмади, икки оёғини ўйлади, холос. Xудди шундай ҳам бўлди. Яна набирасининг кичиги ўлди, ўн уч ёшлиги қолди. Вақтики етиб, у ҳам ўн саккизга тўлганда оқ қон таначадан қазо қилди. Шунинг учун ҳам Мингболаев икки оёғига таянган экан. Оёқларга нисбатан ўша шубҳаси порлоқ келажакка бўлган комил ишончига путур етказса-да, у барибар, иккиланмади. Мана, оёқлар уни бус-бутун шу увадаси чиққан кекса стулга абадий топширди. Стулнинг оёқлари олтитага ўхшаб қолди, холос. Уч йилдирки, у шундоқ, шу кўйи ўтирибди. Дераза ортидан кимдир, ҳа, ҳалиги хотин келиб-кетиб турибди.

Мингболаев ҳозир белини ҳам унутган. Бўйин дегани-да бевафо бўларкан. Инсонга энг фидойиси қўл экан, холос. Қалтираса-да, ҳаракатини йўқотгани йўқ. Унга бўйсунадиган бирдан-бир шулар қолди. Э, Xудо кўтарсин, яна иккитаси бор. Улардан бири бироз хиралашди. Бу мия. Иккинчиси эса, кўз, ҳали нурини йўқотгани йўқ. Дераза ортини шундоққина кўриб, ҳис этиб турибди. Ҳаёт барҳаёт.

Илкис, ўнг қўли ётган дераза тахтаси титраб кетди. Мингболаевнинг кўзи дераза ортидаги томошани топди.

Йўлакда чўзилиб, узала ётган қизми, аёлми, болами, туриб ўтирди. Қўлларини олға чўзди. Ўтирган кўйи кимгадир илтижо қиларди, чоғи. Дарҳақиқат, шундай экан. Уч қадамча олдинроқда яна биров турарди. Йўқ, у кетаётганди. Илтижо кучайди шекилли, у тўхтади. Ортига ўгирилди. Бу пайт ўтирган астагина оёғига туриб олганди. Йигитми, кишими, ҳалиги ортига бир қадам қўйган эди, оёғига турган қочгандай тисарилди. Йигит бурилиб олға юрди. Қиз эргашди. Етай деб қолган ҳам эди, йигит терс бурилиб шунақанги мушт солдики, шўрлик қиз йўлакка узаласига ағдарилиб тушди. Мингболаевнинг қўли яна токча тахтасининг титраганини сезди. Том битган қулоқлари нақ «шилиқ» этган гўштнинг товушини эшитди. Узала қуламиш қизнинг эгасиз қўллари ўзи истаганча оҳиста йиқилди. Йигит йўлакка кўндаланг чўзилган танани ўхшатиб тепди. Сўнг йўлида давом этди. Қиз яна туриб, беҳол ўтирди, илтижоланди. Оғир қўзғолиб, туришга чоғланди. Қийналиб турди. Гандираклаб, йигитнинг ортидан юрди. Улар кўринмай қолишди. Мингболаев стулга қаттиқроқ таяниб олди.

Фарғона