OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

5 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифТоғай Мурод
Асар номиОт кишнаган оқшом (қисса)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Социалист реализм
Муаллифлар
   - Тоғай Мурод
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Қиссалар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм340KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/12/12
Манбаhttp://forum.ziyouz.com/ind...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





От кишнаган оқшом (қисса)
Тоғай Мурод

Муаллифдан

Бу қиссалар не бир кунларни кўрмади!

Зоти номард бўлди, ушбу қиссалар ёқасидан олди. Оғзи бузуқ бўлди, ушбу қиссаларга тупугини сочди. Қўли нопок бўлди, ушбу қиссалардан бутун-бутун бобларни ўчириб ташлади.

Оқибат, ушбу қиссалар ўз вақтида пати юлинмиш товуқ мисол чоп этилди.

Алқисса, дориломон кунлар келди. «От кишнаган оқ­шом»даги Зиёдулла чавандозчасига айтар бўлсак... улоқ Тоғай Муродда кетди!

1

Биродарлар, кўргилик, кўргилик!

Бир эрта уйғониб, калламга қўл югуртирдим. Сочларим орасида яра-чақалар уч берди. Пар¬войим фалак бўлди, юра бердим. Онамга-да айтмадим.

Чақалар кун сайин болалади. Катта-катта бўлди. Қўтир бўлиб қичиди.

Шунда, қишлоғимиз дўхтирига бордим. Дўхтир фу, дея афтини буриштирди. Юрчидаги калхонага олиб жўнади.

Йўлда машинадан ташлаб қочдим. Ушлаб келиб, яна машинага босди.

Калхонада... Уҳ, айтгили йўқ. Дўхтир дегани бераҳм экан. Онамни кўрдим, биродарлар, онамни...

Бари калга қайтадан жингала соч битди. Менинг каллам ялтираб қолди. Битта-да соч битмади! Дўхтирлар ажабланди, камдан кам учрайдиган воқеа, деди. Хўрлигимдан йиғлаб-йиғлаб уйга келдим.

Онамиз тап-тақир калламни ушлаб-ушлаб кўрди. Ич-ичидан куйди. Айтиб-айтиб йиғлади.
— Камбағални туянинг устида ит қопади, дегани шу-да, — деди.

Катта телпак сотиб олдим. Қишин-ёзин қулоқ¬ларимгача бостириб кийиб юрдим. Мактабда-да телпагимни олмадим.

Математика муаллимимиз оёғини тираб талаб этди:
— Бош кийимингни олмасанг, дарс ўтмайман!— деди.

Олд қаторда ўтирган синф оқсоқолимиз муаллимга бир нималар деди. Аммо муаллим ўз сўзида турди:
— Ўқувчи дарсда ялангбош ўтириши лозим! Қоида шундай!

Телпагимни калламга босиб ушладим.
— Ўқувчи Қурбонов, сенга айтяпман!

Миқ этмадим. Муаллимимиз телпагимни бошимдан юлиб олди. Деразадан ташқарига отиб юборди.

Синфимиз болалар кулгисидан зириллаб кетди. Болалар калламни офтобга менгзаб қийқирди:
— Ура-а-а, кун чиқди!

Калламни қўлларим билан яширдим, ҳўнграб йиғладим. Сиёҳдонни олиб, муаллимнинг юзига отдим. Тегмади. Кейин, ташқари отилдим. Мак¬табдан қочиб кетдим.

Яна қайтиб мактабга оёғимни босмадим. Директор билан синф раҳбаримиз келиб тавалло қилди. Онамиз алдаб-авради. Барибир мактабга бормадим.

Бешинчи синф каллам билан қолдим.

2

Одамлар мени кал дейдиган бўлди! Зиёдулла кал эмиш! Э, тавба-э, тавба-э!

Аввал-аввал уятдан қулоқларимгача ловуллаб ёндим. Кўнглим ўксиди. Кейин-кейин ботмайдиган бўлди. Кал сўзи кўнглимга сингди. Қулоқларим калга ўрганиб қолди.

Энди, Зиёдулла кал, демайдиганлардан ўпка¬ладим. Айниқса, почтачидан ҳафсалам пир бўлди. Қачон кўрса ўртоқ Қурбонов, дейди. Ғашим келади. Мени майна қилаётгандай туюлади.

Бир сафар жеркиб ташладим:
— Нимага мени ўртоқ Қурбонов дейсиз? Мен бир амалдормидимки, ё, дипломим бормидики, ўртоқ Қурбонов дейсиз? Бор-йўғи бешинчи синф каллам бўлса. Кўп майна қилманг, сочим бўлмасаям тароғим тиллодан!
— Бўлмаса нима дейин?
— Эл қатори Зиёдулла кал дея беринг. Ўз отим ўзим билан...

Худога шукур-э, энди почтачи-да кал дейдиган бўлди! Диплом сўрамайдиган турли ишларда ишладим. Қоровул бўлдим, гўлоҳ бўлдим. Охири подачи бўлдим. Эл қўйини боқдим.

Адирларда қўй боқиб, най чалдим. Нафасим етмай қолди. Шунда, эски бир дўмбира топдим. Дўмбирамни сайратдим, бепоён адирлар, ёйилиб ўтлаётган қўйлар, чўққилар учида узмай чуғурлаётган қушлар, паға-паға оппоқ булутларга қараб достон айтдим. Бу достонларни тўйлар, олис ялдо кечалари боболаримиз бири қўйиб бири айтар эди. Боболарнинг кўплари раҳматлик бўлди. Раҳматликлардай достон айтиб бўлмайди. Бизники, баҳоли қудрат...

3

Биродарлар, сиз сўраманг, мен айтмайман... Оти Момосулув эмиш. Юзлари кулчадайми, ё, су¬лувми? Кўзлари қорами, ё зиғир гулидайми? Қош¬¬¬лари қуюқми? Қуюқ бўлса, қайрилмами? Ке¬часилигидан кўрмас эмишман, билмас эмишман.

Кўройдин эмиш. Момосулувлар кўчасида телба бўлиб юрар эмишман. Бир нима йўқотгандай тентирар эмишман. Йўл четидаги тошга чўнқайибман, кафтларимни иямгимга тирабман. Ойга маҳлиё бўлиб-маҳлиё бўлиб термилибман. Ойнинг бети кир эмиш. Ойга сонсиз ошиқлар маҳлиё термилди. Ой қайси ошиққа бир ўпич берди? Ой қайси ошиққа вафо қилди?

Ойга қўл силтаб, ўримдан турибман. Момо¬сулувлар деворидан ошибман. Ити йўқ эмиш. Дарахтлар паналаб, деразасига термилибман. Олма¬ларидан узиб-узиб ебман. Кейин, айвонига, ундан ичкарига кирибман. Тимирскиланиб, тўшагини то¬пибман. Момосулув уйғониб кетибди, чириллайман, кет, дебди. Мен ёлворибман. Қўлимни узатиб¬ман. У қўлимни қайтариб, ўзимга сурибди. Кейин, Момосулувнинг қўйнига кирибман!

Биродарлар-э, жамики олам бир тараф, қўйин деганлари бир тараф экан! Аҳай-аҳай!

Борига шукур қилсам бўлмасмиди? Тек ётсам бўлмасмиди? Қўйнига қаноат қилсам бўлмасмиди?

Мен тинмас, Момосулувнинг кўнглига-да кирибман! Ошиқона-ошиқона қадамлар босиб, кўнглини овлабман. Зим-зиё бир олам эмиш. Теварак ҳувиллаб ётармиш. Қимирлаган жон йўқ эмиш. Эркак зотининг ўзи тугул, излари-да йўқ эмиш. Бе¬ҳиштдай бир олам эмиш.

Теваракка аланглаб, кулар эмишман: ушбу беҳиштга мендан ўзгалар келмабди!

Кўнглимни зўр бир хушвақтлик қитиқлар эмиш: ушбу беҳиштга биринчи бўлиб мен қадам қўйибман! Аҳай-аҳай!

Кўзимни очсам уй зимистон, болишни қу¬чоқлаб ётибман.

Уйқум қочди. Уйқумни қувалаб, шифтга қараб ётдим. Чин, қишлоғимизда шундай қиз бор. Оти Момосулув.

4

Эрталаб таътил қилдим. Белимга тушлик ўрадим. Заранг таёғимни олдим.

Элбурутдан подаётоққа бордим. Бир тошга ёнбошлаб олдим.

Эл қўй-эчкиларини ҳайдаб келди. Шунда... шунда, у-да келди!

Мен ўрнимдан туриб қарадим. Хаёлимда, юзларим ловуллаб қизиди.

У қўлидаги хивични қўйлари кетидан отиб юборди. Изига қайрилиб кетди. Менга қайрилиб-да қарамади. Ажабо, у кеча мени кўрдимикин? Уялганидан тез қайрилиб кетдимикин?

Биродарлар, шу қиз кўз олдимдан кетмай қолди! Кечаси-да, кундузи-да! Шу қизга совчи қўйдим!
— Тегмайман, калласи кал, — дебди.

Ё, пирим-эй, ё пирим-эй! Кал бўлса нима бўпти? Гап жундами? Жунда ақл борми, хоҳлаган ерига бита беради-да. Бировга қуюқ битади, бировга сийрак битади. Яна бировга битта-да битмайди. Бу яратганнинг иши-да!

Жун экиш деҳқончиликмидики, айб бўлса! Ана, калласига жун экмади, экса-да, суғориб, парваришламади, оқибат, қуриб қолди, деса. Майли, ана унда мени камситсин. Зиёдулла калда эркаклик уқув йўқ, муштдай калласига жун экиб ололмади, десин. У яхши эр бўлмайди десин...

Мен барибир шаштимдан қайтмадим. Совчини босиб қўябердим.
— Айтиб қўйинглар, мен ҳали от олиб, кўпкари чопаман! — дедим.

Момосулув ноз қилиб-қилиб, охири кўнди!

Тўй-томоша бўлди. У мастона-мастона қадам қўйиб, чимилдиққа келин бўлиб кирди. Мен мардона-мардона одим қўйиб, куёв бўлиб кирдим.

Момосулувга кўрган тушимни айтиб бердим.
— Сен ҳам шундай туш кўриб эдингми? — дедим.
— Кўриб эдим, — деди.
— Чинингни айт, — дедим.
— Чиним, — деди. — Лекин, таниёлмай қолиб эдим, чироқ ўчиқ эди, — деди.
— Ўша мен эдим! — дедим, кўкрагимга урдим.
— Сиз эканлигингизни билиб тегдим-да, — деди.
— Аҳай-аҳай! — дедим.

Биродарлар, Момосулув тушимда. Чўлпон эди, ҳушимда Ой эди, қўйнимда Офтоб бўлди!

5

Бир сурув қўй сотдим. Пулини белимга ўрадим. Намоз чавандозни олдимга солиб, Обоқлига жўнадим.

Биродарлар, бизнинг Сурхонда мана бундай гап бор: от олсанг, Обоқлидан ол, аёл олсанг, Ирғалидан ол!

Бунинг мағзи шуки, от деганлари дев! От бепоёнликни дейди. От масофа нималигини билмайди. От қаҳратон қишда-да дашт-биёбонларда чопиб ўсади. Ана шунда диркиллаган от бўлади! Қўл¬тиқлари чўзилади, кўкраклари энлик бўлади! Учқур келади! Бедов от бўлади!

Обоқли ана шундай дашт!

Ирғали деганида қиз бор! Ирғалининг қизлари зуваласи пишиқ келади. Киймагани еттинчи калиш кияди! Барининг бели бақувват, бўлимли бўлади. Ирғалининг қизларини қучоқласа, қўйин тўлади! Ирғалининг қизлари кўрган фарзанд-да алпомиш-келбат бўлади. Боиси, Алпомиш айни шу Ирғалида ўтган-да!

Ана, билдингизми, элнинг гапи қаёққа бора¬япти?

Мен икки кун от сайладим. Обоқли дашти гала-гала от! Дашт чангитиб чопиб юрибди! Бир яшар қулунлар, уч яшар тойлар, тўрт яшар ғўнонлар, беш яшар дўнонлар!

Сағрисига уй тикса бўладиган байталлар! Ҳайбатли айғирлар!..

Бировини ушлаб, олд туёқларини жуфтладим. Туёқлари орасидан мушт урдим. Муштим ўт¬мади. Борди-ю ўтса, яхши от бўлади. Қўйиб юбордим. Яна бировини кўрдим. Дурустгина-ю, фақат қорни йўқ. Бор бўлса-да, жуда тор. Буниям қўйиб юбордим, бўлмайди!

Биродарлар, от олсанг, ҳўкиз қориндан ол, ҳўкиз олсанг, от қориндан ол!

Орқа кезанаги боланинг билагидай бўлиб турадиган от яхши келади. Шундайини изладим. Йўлиқмадим. Қопқоғи энлик от-да яхши бўлади. Бундайинга-да кўзим тушмади.

Галани айланиб юрдим. Бир бўзга кўзим тушди. Шуни ушладим. Тишларини кўрдим. Ёши еттида бўлса-да, ҳали озиқли тиши чиқмабди. Аслида, беш ёшида чиқади. Демак, энди чиқмайди. Озиқ тишсиз от хосиятли от бўлади!

Биродарлар, шу бўзга дил кетди!

Уч мингни нақд санаб бердим. Бўзни миниб келдим.

Омборхона олдидаги устахонага олиб бордим. Бўзга буров солдим: ипга таёқча боғладим, тумшуғидан ўраб бурадим. Буров таёқ бўз тумшуғига ботди. Бўзни қимирлатмай қўйди.

Уста бўз оёқларига нағал қоқди.

Биродарлар, асов отни тақа тўхтатади!

Ҳовли четида охур қилдим. Бўзни шу охурга боғладим.

Онамиз норози бўлди. Бети буришиб-буришиб оғринди. Лабини буриб минғиллади:
— Отим нимам... отдан машина яхши... — деди.
— Машинам нимам? Оти борнинг — қаноти бор, — дедим.
— Отга емиш қани...
— Емиш? Худо ҳар жониворни ўз ризқи рўзи билан яратади. От битди — қанот битди. Емиш то¬пилади.

Биродарлар, машина деганлари темир! Жони йўқ! Жони йўқ темир одамга эл бўлмайди! Темирнинг юраги йўқ-да! От одамга эл бўлади. Боиси, отнинг жони бор, юраги бор-да!

6

Эл менга-да бурнини жийириб қаради, отимгада бурнини жийириб қаради. Эл, оғзини ушлаб кулди, пиқ-пиқ кулди, қўли билан кўрсатиб кулди, пана-па¬наларда кулди.

Билдим, эл, Зиёдулла кал, отангни кўрдим — аҳмади фориғ, онангни кўрдим — товони ёриқ, кўрпангга қараб оёқ узат, деди. Ўзинг бир сағир бўлсанг, сенга ким қўйибди отни, деди. Яна тағин кал бўлсанг, калга отим нимам, деди. Калга эшак ҳам бўлади, деди.

Биродарлар, эл шундай! Эл оғзига элак тутиб бўлмайди! Одамзот шундай! Бор бўлса, кўролмайди, йўқ бўлса, беролмайди!

Шундай экан, одам бўламан десангиз, эл оғзига эътибор берманг! Одам бўламан десангиз, эл гапига парво қилманг! Аммо бепарво-да бўлманг!

Биродарлар, от аззанча хосиятли бўлса-да, аззанча фаҳм-фаросатли бўлса-да, аззанча хушсуврат бўлса-да, барибир, от, ўз оти ўзи билан от! Тўрт оёқли жонивор! Думли ҳайвон!

Дунёда нима мўл, тўрт оёқли жонивор мўл! Дуч келмиш тўрт оёқ жониворни қандай бўлса, шундайлигича эл орасига олиб кириб бўладими? Бўлмайди! Қандай бўлса, шундайлигича эл қилиб бўладими? Бўлмайди! Авваламбор, тўрт оёқли жониворни от қилмоқ лозим!

Тўрт оёқли жониворни от қилишнинг ўзи бўлмайди. Думли ҳайвонни одамга эл қилиш барчанинг-да қўлидан келмайди!

Тўрт оёқли жониворни от қилиш учун, авваламбор, кўнгилда бўлмоғи лозим! Авваламбор, баданда бўлмоғи лозим!

Баракалла! Бор-да, баданда бор-да! Кўнгилда бор-да! Шу боисдан от олдим-да! Аҳай-аҳай!

Достончи достон айтади. Хато айтса, шартта бас қилади. Бошқатдан, тузатиб айтади.

Шоир китоб битади. Китобида бир жойи ёқимсиз бўлса, шоир қалам билан шартта-шартта ўчиради, ёқимли қилади.

Расмчи сурат чизади. Суратда одам қоши қошдай бўлмади. От ёли ёлдай бўлмади. Қиёмига келмади. Расмчи дарҳол одам қошини қошдай қилади, от ёлини ёлдай қилади.

Чавандоз бўлса, отни тузатолмайди!

Тўрт оёқли жонивор от бўлаётиб... ҳа-ҳа, от бўлаётиб... нима феъл-атвор топса, шу феъл-атворида қолади. Нима қилиқ топса, шу қилиғида қолади. Нима кўрса, нима билса, нима ўрганса, барча-барчаси танасида қолади, миясида қолади.

Ана шундан кейин чавандоз отни тузатаман деса, ўзига жавр қилади. Отни тузатиб бўлмайди!

Биродарлар, сара от, чавандоз ақл-заковатидан бино бўлади! Сара от, чавандоз қалб қўридан бино бўлади!

Шу боис, бўзни тарбиялай бердим, кеча-ю кундуз тарбияладим. Зўр бериб тарбияладим. Қандай қилиб тарбияладим? Айтмайман, бировлар билиб қолади, айтмайман...

7

Биродарлар, бўз от қандай бўлади? Сурпдай оппоқ бўлади! Борди-ю, аждодида бўлса, тўққизга тўлганда тарлон бўлади. Тўққиз ёшида бўзнинг баданида холдай-холдай қора доналар пайдо бўлади. Шундан бошлаб у бўз эмас, Тарлон от бўлади. Тарлон — хол-хол от! Тарлон — отлар сараси!

Биродарлар тўриқ отнинг юздан бири яхши бўлади, тарлон отнинг юздан бири ёмон бўлади!

Биродарлар, от танимасанг, Тарлон ол!

Бизнинг бўз тўққизга тўлди, тўққизда бўлди. Шунда... шунда, бир орзум, ўн орзу бўлиб бола¬ла¬ди. Бир қувончим ўн қувонч бўлди!

Биродарлар, бўз отим — Тарлон бўлди! Мен Тарлон отли бўлдим!

Отнинг сараси менда, қулинг ўргилсини менда!

8

Тарлонни қора ишларга солмадим. Адирларда ўйноқлатиб миндим. Ўйноқлатиб-ўйноқлатиб қўй боқдим.

Шундай бир кунда колхоз раиси шофёри от чоптириб келди. Уни раис юборибди. Бориб, Зиёдулла кални олиб кел, дебди. Радиодан одам келибди. Энг яхши подачини айтинг, радиода чиқараман, дебди. Шунда, раис мени айтибди.

Аввал-аввал ишонқирамадим. Шофёрга син¬чик¬лаб қарадим. Чин гапга ўхшади. Шундан кейин қўйларни шу яқиндаги Асад чўпонга тайинлаб келдим.

Ўзимда йўқ хушвақт бўлдим. Э, яшанг-э, раис ака-э, дедим. Бизга ўхшаган калларнинг ялтироқ бошига-да офтоб чиқсин дебсиз-да, дедим. Э, шоп мўйловингиздан-э, дедим.

Йўлда уйимизга тушдим.

Ҳали тутилмаган беқасам чопонимни кийдим. Телпагимни кийдим...

Бинойидай ораста бўлдим.

9

Тарлонни идора олдига боғладим.

Дўмбира, тушлик солинган хуржунни елкамга ташладим. Аста-аста ичкариладим.
— Ассалому алайкум! — дедим.
— Аҳа, келинг ука, келинг.

Гиламдан авайлабгина юрдим. Тўрдаги нимкатда ялпайиб ўтирган одам билан қўшқўллаб кўришдим.

Дарров танидим, бу ўзимизнинг қишлоқлик Рихсиев бўлди.

Мен қаерга ўтиришимни билмай каловландим. Рихсиев бармоғини ниш қилиб жой кўрсатди.

Хуржунимни деразага қўйдим. Омонатгина ўтирдим. Сўрашайин деган мақсадда Рихсиевга қарадим.
— Аҳа, фамилиянгиз нима эди, ука? — сўради Рихсиев.
— Зиёдулла кал! — дедим.
— Аҳа, ҳа-ҳа-ҳа! Йўқ, фамилиянгиз? Қур¬бонов? Аҳа, яхши, яхши! Соғлиқ қалай, ўртоқ Қурбонов? Отдай бўлиб юрибсизми?
— Шукур мухбир ака, шукур. Отдай бўл¬масакда, юрибмиз. Ишқилиб, бирнави. Ўзингиз қандай, бардамгинамисиз? Болалар чопқиллаб юрибдими? Қачон бўлса, сизни мақтайман. Мана, биздан-да ёзадиганлар чиқди дейман.
— Раҳма-а-ат, раҳма-а-ат. Гап бундай, ўртоқ Қурбонов, мен, сиз ҳақингизда радиоочерк ёзаман!
— Эб-эй, у нима деганингиз, мухбир ака?
— А? Ҳа-ҳа-ҳа! Ҳа, ўртоқ Қурбонов, ўртоқ Қурбонов! Шунақа жанр бор! Аҳа, публитсистик жанр! Бунда қаҳрамонлар мадҳ этилади!
— Ҳа-а, хайрият-э. Мен ёмон гапмикин дебман. Энди, мен сизга айтсам, биз унга арзимаймиз-да, мухбир ака.
— Аҳа, йўлини қилиб арзиттирамиз-да, ўртоқ Қурбонов. Ўзимизнинг қўлимизда-ю. Мана қоғоз, ёзинг. Ручка йўқ? э, чатоқ-ку.
— Бизда таёқдан бошқа нимаям бор, мухбир ака.
— Хўп, мана, ручкаям бердим. Қани, бўлинг. Унгача репортёрни тайёрлаб тураман.
— Шу, мухбир ака, хатимиз бундайроқ. Бешинчи синф калламизга яраша. Сиз сўранг, мен айтайин.
— Йўқ, ёзинг. Оғзингизга келганини пала-партиш гапирасиз, уни бориб, монтаж қилишни айтсангизчи! Ёзинг: «Қуёш заррин кокилларини ёйиб, уфқдан бош кўтарди...» Йўқ, ўчиринг. Бадиий қисмини ўзим ёзаман, сизга оғирлик қилади. Аҳа, бошладик: «Болалигимдан чўпон бўлиш орзум бор эди. Шу орзу мени чўпонликка чорлади. Мактабни битириб, қалб амри билан колхозда қолдим. Мана, ҳозир жавлон уриб меҳ¬нат қилмоқдаман...» Аҳа, энди план, мажбури¬ятларни ёзинг. Ким билан сотсиалистик мусобақа ўйнагансиз? Ана шуни ёзинг. Кейин, ҳар бир совлиқдан қўшимча қанчадан қўзи олмоқчисиз? Ана буни ёзинг!
— Мухбир ака, мен эл қўйини боқаман, чакана чўпонман.
— Аҳа, шундайми? Оббо-о, раис дўппи олиб кел деса, бошни олиб келадиганлардан экан-да. Хўп, ёзаверинг-чи. Меҳнатларингиз тақдирланганми?
— Эса-чи, мухбир ака, эса-чи. Раисимиз ҳар кўрганда тўхтаб, кўришиб-сўрашади. Раҳмат, ука, раҳмат, дейди. Элнинг хизматини қиляпсан, дейди. Елкамга қоқиб-қоқиб қўяди.
— Ҳа-ҳа-ҳа! Бори шуми? Ҳа, ўртоқ Қурбонов, ўртоқ Қурбонов! Булар абстракт гаплар! Ра¬дио¬очеркка конкрет фактлар керак! Орденлар! Медал¬лар! Ёрлиқлар!... Ҳмм, бўпти, ўртоқ Қур¬бонов, сизга рухсат.

Қаламни Рихсиевга узатдим. Қулоғимнинг кетини қашидим. Магнитофонга қарадим.
— Мухбир ака, хабарингиз борми-йўқми, унча-мунча достон айтиб тураман.
— Аҳа, шундайми?
— Ота-бовамизнинг ҳунарини ерда қолдирмайин дейман-да. Калнинг нимаси бор, темир тароғи бор. Ана, ана, дўмбирам бор.
— Аҳа, ҳунарни асрабон нетгумдур охир, олиб тупроққаму кетгумдур охир! Алишер Навоий!
— Ўлманг!

Жўшиб кетдим. Дўмбирамни олиб достонимни бошладим. Достонимда бир ҳовлига келин келди. Ҳовлида гулхан ёқилди, чанқовуз чалинди. Келин отда келди. От оловни бир айланди. От достон бўлди. Боли боли болинг бор,
Минг туморли норинг бор,
Жасадингга қарайман
Чопадиган ҳолинг бор.
— Маладес, ўртоқ Қурбонов, маладес. Аҳа, энди, чанқовуз, гулхан... эски гаплар, ўртоқ Қурбонов. Достон, ҳа, достон! Замон, давр нафаси йўқ. Интеллектуаллик йўқ, интеллектуаллик! Кўриб турибсиз, ҳозир атом асри. Мана, космо¬навтлар яна ойга учди... Хўп бўлмаса, ўртоқ Қурбонов.

Хайр-маъзурни эшитиб эшитмасликка олдим, билиб билмасликка олдим. Дўмбирамни чулдиратиб, достон айтиб қўявердим. Отларди боқсанг қашиб боқ,
Олисдан сувини ташиб боқ,
Сира узмагин емини,
Емини емига қўшиб боқ.
Бир қиё боқ, эй, умидли дунё!
— Аҳа, яхши, яхши! А-а-ауф, чёрт, уйқу босаяпти. Нима десак, экан... отлар... отлар патриархал ҳайвон, ўртоқ Қурбонов. «Отни боқсанг қашиб боқ, сувини ташиб боқ!» Хўш, нима бўпти? Маълум гап-ку! Албатта отга сув беради-да, бўлмаса бензин берармиди? Қуп-қуруқ дидактика! Халқ оғзаки ижоди, ҳа, халқ оғзаки ижоди! Примитив, примитив! Интеллектуаллик йўқ, интеллектуаллик! Интеллектуал проблемалар кўтарилиб, ижобий ҳал қилинмаган! Ижодингизга муваффақият, ўртоқ Қурбо¬нов. Изланинг, кўпроқ классикларни ўқинг. Айтайлик, Бетховен, Чайковский, Ашрафий...

Рихсиев қўзғолди. Кетар бўлди.

Шунда, Рихсиевлар қўйи эсимга келди. Балки, қўйлари юзхотирини қилар, деган умидда қўйларидан гап очдим.
— Мухбир ака, қўйларингиз яхши! — дедим.— Диркиллаб-диркиллаб ўйнаб юрибди!

Рихсиевнинг юзлари ёришди.
— Аҳа, айтгандай, бизнинг қўйлар яхши юрибдими, ўртоқ Қурбонов? — деди.

Кўнглимда умид учқун берди. Қўлимни кўксимга қўйиб, бош ирғадим.
— Шукур, мухбир ака, шукур. Яхши юрибди! — дедим. — Ўзлариям... қўймисан қўй-да!
— Аҳа, қўй!..
— Ўлманг!
— Қўй, қў-ў-ўй! Қўй яхши!
— Ўлманг!
— О-о-о, қў-ў-ўй! Қўй яхши нарса!
— Ўлманг! Айниқса сизнинг қўйларингиз! Минг қилса-да, ҳи-ҳи-ҳи, минг қилса-да, мухбирнинг қўйлари-да.
— Аҳа, раҳма-а-ат, раҳма-а-ат!
— Анави тўнғич акангизнинг қўйлари бўлмайди! Бари ўзидай калтафаҳм! Сизнинг қўй¬ларингиз шундай доно, шундай ўқимишли... Ҳай-ҳай-ҳай, садағаси кетсанг, мухбирнинг қўйлари¬нинг!!
— Аҳа, раҳма-а-ат, раҳма-а-ат!
— Бир куни денг, ҳайт-ҳайт, дея қўйларни сойга ҳайдадим. Қўйлар ўзини қирга урди. Фақат сизнинг қўйларингиз сойга қараб юрди. Мен, ҳа, омон бўлгурлар-э, минг қилса-да, мухбирнинг қўйларисан-да, дедим.
— Аҳа, раҳма-а-ат, раҳма-а-ат! Қўйларни тарбияланг, ўртоқ Қурбонов, қўйларни тарбияланг!
— Бай-бай-бай, қўйларингиз мухбирнинг қўй¬лари эканлиги шундайгина билиниб туради-я! Мол эгасига ўхшайди, деганлари шуда...
— Аҳа, раҳ-ма-а-ат, раҳма-а-ат!

Рихсиев ташқарилади.

Хуржуними елкалаб, изидан юрдим. Тарлонни миниб, адирга йўл олдим.

Биродарлар, кўнглим оғрияпти...

10

Тарлонни бойловга ташладим.

Отхонадаги баланд охурга боғладим.

Гўнг чиқариладиган тешикни жанда билан кечалари ёпиб қўйдим, кундузлари очиб қўйдим.

Тарлонга арпа ем бериб бошладим.

Азонда тўрт кило арпа ем бердим.

Тушда олти кило арпа ем бердим.

Оқшомда беш кило арпа ем бердим.

Кафтимда туз бердим.

Тарлон тузни капалаб-капалаб еди.

Кафтимда оқ қанд тутдим.

Тарлон қандни лаблари билан олди. Қарс-қарс еди.

Энди сўйилган қўй қуйруғини тузлаб-тузлаб бердим...

Биродарлар, от усти беҳишт, оғзи дўзах!

11

Роса қирқ кеча-ю қирқ кундуз бўлди.

Ана шунда Тарлонни отхонадан олиб чиқдим. Тарлонни совута бошладим.

Ҳовли этагида арқонини узун ташлаб боғладим. Тарлон бўйнини кўзойнакли илон мисол гажак-гажак қилди. Қозиқни айланиб чопди. Олд оёқларини кўтариб кишнади. Арқонини селкиллатди. Дирк-дирк ўйнаб кишнади. Тарлон маст бўлди!

Арқон етадиган ерларга оз-оздан хашак ёйдим. Тарлон гоҳ у уюмдан, гоҳ бу уюмдан ха¬шак еди.

Кунига биттадан хом тарвуз бердим. Тарлон тарвузни қарсиллатиб-қарсиллатиб еди.

Файзи саҳар вақти Тарлонни жабдуқлаб миндим.

Катта кўчада оҳиста-оҳиста қадамлатиб юрдим.

Тонг оқарди.

Хўрозлар қичқирди. Итлар ҳурди.

Кўча юзидаги радиокарнай нағма чалди.

Ариқларда жилдираб-жилдираб сувлар оқди.

Саҳар еллари хур-хур эсди. Бизларни силаб-сий¬пади...

Тарлон вазмин-вазмин қадам ташлади. Туёқ товушлари бир мақомда тикиллади: тик-тик-тик...

Олдимиздан ариқ келди.

Оёқ илдим. Тарлонни ариқдан сапчитмадим. Сапчитсам, ичидаги мойи узилиб тушади. Кейин, бир йилча кўпкарида чополмайди.

Шу боис, ариқни айланиб ўтдим.

Тарлонни сувладим. Изимизга қайтдим.

Тарлон тағин териб-териб қадам ташлади: тик-тик-тик!

Тарлонни қирқ кун совутдим. Тарлон бир ерда туролмай қолди, туёқлари ерга тегар-тегмай юрди. Ўйноқлаб-ўйноқлаб, осмонга сапчиди. Қуюндайин учгиси келди!

Пахта терими тамом бўлди.

Тўйлар бошланди.

12

Биродарлар, от билмайдиган нима йўқ!

От қор-ёмғирни, довулни олдиндан билади.

Айниқса, тўй-маъракани дарров билади. Боиси, тўйда кўпкари бўлади-да!

Бизнинг Тарлон кечаси билан пишқирди.

Алағда бўлдим, чопонимни елкамга ташладим, ташқариладим.

Ой ёруғ, осмон очиқ бўлди.

Тарлон қозиқни айланиб чопди.

Тарлонни ушладим. Ёлларини силадим.

Бир ерда тўй бор-ов, дедим.

Айтганим бўлди.

Эртаси куни шундайгина ёнимиздаги Обшир қишлоғидан тўйхат келди.

Омборхонада от абзалларини — терлик, беллик, чирги, боз, жаҳанник, жул, пуштон, қуюшқон, юган, кўпчик, узангили эгарни қўлтиқлаб келдим.

Тарлонни қашилаб-қашилаб эгарладим. Оғзига сувлиқни солиб, юганладим. Пешонасига дўлана шохидан бўлган кўзтумор илдим.

Эгар қошидан олдим. Узангига оёқ солдим.

13

Обширга йигирма отлиқ бўлиб бордик.

Сурнай навоси чиқаётган, осмонга қуюқ тутун ўрлаётган тўйхона остонасида оёқ илдим.

Бизга Турди подачиникидан жой тегди.

Телпаги қулоқларини тушириб олган бир одам бизни тор кўчалар бўйлаб эргаштирди. Подачи¬никига олиб борди.

Подачи дарвозаси хийла паст бўлди. Оти мўминлар остонадан эгарга энкайиб ўтди. Оти боқилиқлар ерга тушиб, етаклаб ўтди.

Биродарлар, отга минсанг — бошингни ўйла, ерга тушсанг — отингни ўйла!

Чавандозлар отларини яланғочлади. Эгар-абзалларни дарахт шохлари айрисига илди. Супалар, деворларга қўйди.

Чавандозлар отларни шамоллатди.

Тарлон ерга ағнади. Гоҳ ўнг, гоҳ чап ёғига ағнади. Бадани қичиғини қондирди. Ўзини ўзи қашиди! Тағин оёғида турди. Оёқларини кериб-кериб силкинди. Бадан-ёлларига илашган хас-чангларни қоқди.

Тарлон устига гилам ташладим. Пуштонини салқи қилиб тортдим. Қозиғини тепиб-тепиб қоқдим.

Сафар чавандоз қора тўриғи қозиғини Тарлон ёнидан қоқди.

Ғашим келди. Энсам қотди.
— Сафар ака, — дедим. — Тўриғингизни холисроққа олинг, барака топинг.
— Ҳеч нима қилмайди, ер кенг.
— Мен ерни қизғанмаяпман. Тўриғингиз тепонғич, шуни ўйлаяпман.
— Кўнгилни кенг қилинг, от тепкисини от кўта¬ради.¬¬¬¬¬

Тўриқ бизнинг Тарлонга ёмон-ёмон қаради.

Мен, ана, кўряпсизми, демоқчи бўлдим. Аммо Сафар чавандоз меҳмонхонага жўнади. Изидан қўл силтаб қолдим. Кейин, мен ҳам бордим.

Тўйхонадан улушимиз — турли ноз-неъматли дастурхон, иккита шиша келди.

Уй бекаси қозон осди. Паловга уринди.

Чавандозлар давра бўлиб ўтирди. Сабзи тўғраб берди.

Шу вақт отлар аччиқ-аччиқ кишнади. Тарлон овозини дарров танидим, чопиб чиқдим.

Сафар чавандоз тўриғи олд оёқларини кўтариб пишқирди, Тарлонга ёпишди.

Мен олисдан қўл силтадим. Тарлонга дўқ урдим:
— Бўлди, бас! — дедим.

Тарлон ўзини кейинга олди. Олд туёқлари билан ер тирнади. Тишларини иржайтириб кишнади. Тўриқни огоҳ қилди. Яқинлашма, деган бўлди.

Тарлон нўхтасидан ушладим. Тарлонни тинчлантирдим:
— Бўлди! Так-так-так! Так дейман! Сафар ака, ана, айтмадимми, тўриғингиз одам эмас деб! Мана, Тарлоннинг кўнглини оғритди!
— Одам сўзлашиб топишади, йилқи кишнашиб топишади, Зиёдулла чавандоз! Шундай-шундай топишади-да!

Сафар чавандоз тўриғини Тарлондан холис олди. Отлар тинчиди.

Палов едим. Кечаси олишни* томоша қилдим.

14

Эрталаб таътилланиб, отландим. Лалми даштга йўл олдим.

Дашт бир-бирига улашиб кетган адирлар ора¬лиғида бўлди. Кунботар қўнғир тусли қирлар бўлди. Дашт четлари йўғон-йўғон тутлар бўлди.

Кўпкари томошага келганлар шу тут шохларида, деворларда чумчуқдайин тизилиб ўтирди. Тева¬раꬬ¬даги адирларда тўда-тўда бўлиб ёнбошлаб ётди.¬

Адир бетларида чавандозлар отларини ялан¬ғочлади, отларини кўпкарига шайлади.

Мен ҳам адирнинг бир четини олдим. Тарлонни яланғ¬очладим, ерга юмалатдим. Кейин эгар босдим.

Оёғимга пайтава ўрадим. Хуржундан кўп¬кари этигимни олиб кийдим. Этик баланд пошнали этик, таканинг терисидан бўлади. Тери тескариси ичига қаратиб тикилади. Тескариси ялтироқ, сирпанчиқ бўлади. Юзаси терининг ўнг тарафидир. Этикни мол чарвиси билан мойлаб тураман. Шунда сув, қор, совуқ ўтмайди, йиртилмайди.

Бутлари бир қаричча йиртиқ чолворимни кийдим. Чолворимни атайин йиртиб қўйибман. Бўлмаса, кўпкарида бутимга бирон нима илашади, чолво¬римни оғигача айириб юборади.

Телпагим қулоғини туширдим. Узангига оёқ илиб, эгар қошидан олдим. Даштга қараб эндим.

Чавандозлар теваракни айланиб чопди. Ча¬вандозлар отларини пишитди.

Одамлар қишлоқ тарафга қаради.
— Ана, улоқ келаяпти! — деди.

Қишлоқдан икки отлиқ келди. Бирови олдида қора улоқ. Ўнгариб олди. Отлиқ улоқни олдимизга олиб келиб ташлади.

Чавандозлар улоқни отларига искатди. Улоқ ёнверини, теварагини айлантириб кўрсатди.

Отлар тўп бўлди.

Юзлари тандирдан энди узилган нондай қизил, мўйловли бир одам улоқ бошига келди.

Ана шу мўйлов баковул бўлди. Қамчи сопини боши узра кўтарди. Жарангдор овозда айтди.
— Чавандозлар-ов! Гапимни ўнг қулоғинг билан-да, чап қулоғинг билан-да, эшитиб ол! Чилвир солма — бир! Бир-бировингни ёмон гап билан сўкма — икки! Қамчи солма — уч! Йиқилган чавандоз устига от солма — тўрт! От қочганда ушлашга ёрдам бер — беш! Ол, ҳа-ол!

Баковул шундай деди-да, ўзи тўдадан четга чопиб чиқди. Тўдани айланиб чопиб, жар солди:
— Биринчи зотига бир рўмол, ўн сўм пули бор! Эшитмадим деманглар!

Чавандозлар тўдага от солди. Отларини қимти-ди, отларини тиззалари билан ниқтади, отларини қамчилади, отларини улоққа ҳайдади.

Улоқ сонсиз от туёқлари орасида қолди.

Қўллар улоққа талпинди, аммо ололмади.
— Ҳа-ҳа-ҳа!
— Чу-чу-чу!
— Бос-бос-бос!

Талпинишлар самара бермади. Улоқ ердан қўзғолмади. Ўзини улоққа ураётганлар ўзи-да, отлари-да ғарқ терга ботди. Чавандозлар дастлабки шаштидан қайтди, отлар шаштидан қайтди. Айрим чавандозлар тўда четига чиқди, пешоналарини артди, томошагўй бўлди.

Энди, тўда теварагида юрган чавандозлар ўзини улоққа урди.

Мен Тарлон боши узра қамчи ҳаволатдим. Тарлонни қимтиб-қимтиб, тўдага ҳайдадим. Тарлон отлар сиқувида туртиниб-буртиниб улоққа етиб келди. Улоқни бир айланиб тўхтади.

Мен қамчини сопидан тишлаб олдим. Ўзим улоқ¬қа узалдим. Энди кўтариб эдим, бир от туёғи босиб қолиб, улоқ қўлимдан тушиб кетди.

Тарлонни отлар тўдаси сурди. Тарлон қалқиб-қалқиб, улоқ нарёғига гандираклаб ўтди. Четга чиқиб қолди.

Тарлон шашти қайтмасин, руҳи тушмасин, дея бир чақиримча ерга чопиб бориб, чопиб келдим. Гўё улоқни олиб чиқдим!

15

Улоқ ердан қимирламади.

Шунда баковул зотни оширди.
— Чавандозлар-ов, эшитмадим деманглар, устига яна бир гўсам серка қўйилди!

Чавандозлар чуҳ-чуҳ, дея отларини улоққа чорлади. Сағриларига тарс-тарс қамчилар урди.

Отлар пишқирди, отлар кишнади.

Ниҳоят, улоқ ердан кўтарилди. Тўда аста-аста жонланди. Отлар қулоғи лик-лик этди. Тўда пастга силжиди.

Баковул жар солди.
— Улоқ кўтарилди, улоқ кўтарилди!

Тўда бирдан жонланди. Отлар ёппасига чопди. дупур-дупур-дупур... отлар улоқ теварагида чопди. Бор эътиборлари улоқда бўлди.
— Улоқ кетди! Улоқ Бурноч билан Саманда бораяпти!

Нимага бурноч от деймиз! Боиси, бурноч от пешонасида қашқаси, бурни учида оласи бўлади. Бутлари-да ола бўлади. Бурноч отнинг хили кўп бўлади. Кўк бурноч, қора бурноч, тўриқ бурноч, жийрон бурноч!

Саман от бўлса, сариқ, ёллари, думлари қора бўлади. Ёл-қуйруғи оқлари-да бўлади.

Бурноч билан Саман қулоқларини қуён қулоқ¬лари мисол чимириб чопди, зинкийиб чопди. Улоқ ораларида шалвираб борди. Улоқнинг бир бути Бурночда, бир бути Саманда бўлди.

Чавандозлар ўз тарафларига чалғайиб, тортишиб борди. Теварагида ўнлаб қўллар улоққа узалди, аммо етолмади. Етганлари улоқни юлиб ололмади.

Отлар Бурноч билан Саманни ўраб чопди, дупур-дупур-дупур...
— Улоқ Бурноч билан Саманда бораяпти! Улоқ Саманга ўтди, улоқ Саманда! Бос!

Дарҳақиқат, Саман чавандози эпчиллик билан улоқни тақимига босди. Ўнг тарафига қийшайди. Жиловни ўнгга бурди. Саман йўлини ўнгдан солди.

Чавандозлар талашиш фойдасизлигини билди. Бирин-бирин орқада қолди.
— Ҳало-о-ол! Саманники ҳалол! Ташла, Саман, ташла! Э баракалла-э! Саман, кел, ҳақингни ол!

Саман улоқни ерга ташлади. Баковулга қараб юрди.

Чавандозлар ерга тушган улоққа қараб юрди. Яна улоққа ёпирилди. Улоқ бу гал майдаги¬на бир тўриқда кетди.

Биродарлар, тўриқ от малла бўлади. Бўйни худди кўзойнакли илон мисол гажак-гажак бўлади!

16

Янаги улоқ менга насиб этди.

Мен улоқдан умид қилмадим, тўда четида турдим. Улоқни Яратганнинг ўзи етказди.

Бир қизилкўк улоқни ердан судраб чиқди. Қизилкўк шундайгина ёнимизга келди. Шунда чавандози улоқни от тиззаси бўйи кўтарди.

Мен энкайиб, улоққа ёпишдим. Қаддимни кўтардим, Тарлон биқинига тиззамни нуқиб айқирдим.
— Ҳа-а!

Тарлон бир юлқиниб, тўдадан узиб чиқди. Кетимдан чавандозлар от солди. Кўплари менга етиб келди, улоққа узалди.

Шунда Тарлонга қамчи босдим. Аммо Тарлон жадалламади, аксинча, тобора секинлаб чопди.

Ҳайрон бўлиб, олға қарадим. Ана шунда нима гаплигини билдим. олдинда бир одам бўйи сой бўлди...

Нима қилишимни билмадим. Жиловни бураман дегунимча сой лабига келиб қолдим. Тарлон сой ёқалаб чопди. Улоқ сой тарафда бўлди. Шу сабабли-да улоққа биров келолмади.

Шундай бўлса-да, қўли узун чавандозлар Тарлон сағриси, Тарлон бўйни оша улоққа узалди. Мен улоқни бермадим. Айниқса, Тарлон улоқни бергиси келмади.

Сой ёқалаб чопдим. Шунда-да баковул овозидан дарак бўлмади. Энди жиловни қўйиб юбордим. Тақимимдаги улоқни қўшқўллаб ушладим. Тарлон энди ўз билганича чопди. Сойда эса, адоғ бўлмади...

Чавандозлар кетимдан қолмай таъқиб этди.

Шунда Тарлон бирдан... сойга қараб зинкийди. Олд оёқларини кўтарди, ўзини сойга ташлади.

Этларим жимир-жимир этди. Кўзларим отилиб чиқиб кетаётгандай бўлди. Оёғим ердан узилганини туйдим. Ўзимни муаллақ сездим. Кўнглимдан, ўлган шундай ўлар экан-да, деган гап ўтди. Кўзларимни чирт юмдим, улоқни қўйиб юбордим...

Зўр бир зарбдан қалқиб кетдим. Юрагим тово¬нимга тушиб кетгандай бўлди. Ҳушим бошимдан учди. Жонҳолатда Тарлон бўйнига ёпишдим. Маҳкам қучоқлаб олдим...

17

Кўзларимни очдим. Ё, тавба, Тарлон ҳамон чопиб бораяпти. Энди сойда чопиб бораяпти.

Тарлон бир-бир босиб, оёқ илди. Бошини эгди. Пишиллаб нафас олди.

Мен қаддимни ростладим. Ўзимга келдим. Мен тағин кўзимни юмдим.

Юқоридан баковул овоз берди.
— Зот жойида! Зот жойида қолди!

Юқорига ўгирилдим. Отлиқлар сой лабида қатор бўлиб қаради. Узалиб, жиловни олдим. Юқорига чиқадиган йўл қидириб, сой ёқаладим.

Юқорида чавандозлар салмоқлаб-салмоқлаб гапиришди.
— Одамнинг боши айланиб кетади-я!
— Шу Тарлонда иккита юрак бор!
— Борди-ю, битта бўлса, ўзининг калласидай!
— Тарлон диловар от экан!

Баковул тайинлади:
— Тарлон-ов, улоқниям олиб чиқ! — деди.

Мен ўзимни эшитмасликка олдим. Улоққа қайтиб боргим келмади. Бир нишаброқ ердан юқориладим.

Эгар-абзаллар олдига бордим. Тарлонни яланғочладим. Тарлоннинг бор вужудини қараб кўрдим. Оёқларини силадим. Худога шукур, лат емади. Ерга юмалатиб-юмалатиб совутдим. Бош-адоқ қашиладим. Бўлди, энди Тарлонни улоққа солмайман. Бўлди, Тарлон ғолиб бўлди...

18

Кейин... кейин, ўзимнинг-да, араз феълим тутди...

Биродарлар, сизга бир нима айтайинми? Мен араз уришни яхши кўраман! Ўлайин агар-а!

Ой туғади, ўттизида тўлади. Шу ойда бирор бир нимадан, ақалли бир мартагина бўлса-да, аразламасам бўлмайди. Шу ойда кун кўргандай бўлмайман!

Кўнглим ғаш бўлиб юради. Бир нима йўқотгандай теваракка аланглаб қоламан. Баҳонаталаб бўламан. Бирон-бир баҳона излайман. Қилдан қийиқ чиқараман. Игнадай нимани тоғдай қилиб кўнг¬лимга оламан. Тумшуқ қилиб оламан!

Ўзимни ўзим хўрланган деб биламан. Кўнг¬лим чўкиб... отам бечорани эслайман! Одамлар мени сағирлигимни билиб хўрлаяпти, дейман. Сағир бўпмиз, айбдор бўпмизми, дейман.

Ундан кейин... калламдан ўпкалайман! Хўрла¬нишим боисини кал калламдан кўраман. Каллам кал-да, бўлмаса, мени шунчалик хўрлармидилар, дея ўксинаман.

Шунда: узанги йўлдошларим орага тушади. От жиловини ушлаб, тавалло қилади:
— Бир мартагина шайтонга ҳай беринг, Зиёдулла чавандоз! — дейди.

Аразлашимнинг ана шу ерлари кўнглимга ёғдай ёқади! Қобоғимни уюб-уюб, олисларга қарайман. Миқ этмайман!

Узанги йўлдошларим янада ғайрат қилади.
— Зиёдулла чавандоз, сиз кўп улуғ чавандозсиз, шу сафар бизни ўйланг! — дейди.

Аҳай-аҳай! Жоннинг ҳузури-я! Вужудим ҳузур қилади, вужудим роҳат қилади!

Ана шунда мойиллик бераман! Ўйчан-ўйчан бош ирғайман.
— Майли, кўп қўймадиларингиз, юзларингиздан ўтолмадим, — дейман.

Кўпдан буён араз уриш хумор қилиб юриб эди. Мана, қулай вақт келди! Яратганнинг ўзи суйган бандасига юборди! Баҳона-да бинойидай бўлди: от инсонни деб жонини аямади, баковул бўлса, от фидойилигини тақдирламади! Ана баҳона!

19

Мен аразлаб ўтира бердим.

Бир жийрон от селдананг отиб келди. Баковул олдига борди.

Биродарлар, жийрон — малла от бўлади. Оёғи олапайча. Айримлари пешонасида қашқаси-да бўлади. Бунисида йўқ бўлди.

Жийрон чавандози соқолдор чавандоз бўлди. Чавандоз овози нордон-нордон бўлди, аммо хушталқин бўлди:
— Ай баковул, мўйловинг бўлган билан, инсо¬финг йўқ экан! — деди. — Қара, Тарлон ўзини қа¬ердан ташлади! От сендан, мендан қўрққанидан ташламади, йўқ, одамзотга фидойилигидан ташлади! Бундайин ботир от бошидан зар сочсанг-да, ҳақинг кетмайди! Бер ҳақини!
— Улоқ қўлидан тушиб кетди! — деди баковул.
— Берсанг бердинг, бермасанг, шу Тарлонга уйимдан бир қўй олиб келиб бераман! Айт, бўларини айт!

Баковул аросатда қолди. Нима қилишини билмади, нима дейишини билмади. Ҳақ берайин деса, боятдан буён бот-бот бекор, деди. Энди гапидан қайтиш бўлади. Ҳақ бермайин деса, тағин бўлмади. Соқолдор чавандозда авзой ёмон, уйидан қўй олиб келиб беради. Ёмон-ёмон, ана унда ёмон! Баковул номига ёмон, тўй номига ёмон!

Баковул ўйлади-ўйлади, охири гапини қайтиб олди. Соқолдор чавандозга юзланди.
— Чавандоз бова! — деди. — Ошингни еса-да мард есин, бошингни еса-да мард есин! Бундай тантиликдан кейин, ҳақ сиздан айлансин! — деди.

Баковул менга бир серка билан йигирма беш сўм пул берди.

20

Кўпкари охиригача ёнбошлаб ётдим.

Узанги йўлдошларим бир марта-да улоқ олол¬мади.

Кўпкаридан қўлини бурунларига тиқиб қайтди.

Шунда, узанги йўлдошларимга юз солдим.
— Энди қайси юз билан элга рўпара бўла¬миз?— дедим. — Йигирмадай чавандоз-а! Олганимиз бор-йўғи битта серка бўлса! Шуниям тилаб олдик!

Чавандозлар боши эгик бўлди. Билмадик, дея елка қисди.
— Яхшиси, бундай қиламиз. Йўлда оёқ иламиз. Қишлоққа қоронғилатиб-қоронғилатиб кириб борамиз. Бинойими?
— Бинойи, бинойи, — деди чавандозлар.

Қишлоққа бир адир қолди.

Чавандозлар отдан тушди. Адирда ёнбошлаб ётиб олди.

Тошдай қоронғи тушди.

Чавандозлар тағин отланди.

Биров-ярим дуч келади, деган ҳадик билан мен олдинда юрдим. Олдимда серка бор-да. Эл кўзи...

Айтганим бўлди. Тошлоқдан ўтиб, бир қорага йўлиқдим. Йўлни буриб солдим.

Қора олисдан овоз берди:
— Ҳай, ўша ёқда бир ола мол кўрмадиларингизми?
— Кўрмадик.
— Зиёдулла чавандоз? Сенмисан? Кўпкаридан қайтдиларингми?
— Шундай, шундай!
— Қалай, қуруқ қайтмадиларингми, ишқилиб?
— Эса-чи!
— Билинмаяпти-ку!

Мен олдимдаги серка жунини оғритиб-оғритиб тортдим. Серка узиб-узиб маъради.
— Эшитяпсизми, овозини?
— Ҳа, яхши-яхши! Ишқилиб, бўш келманглар! Сизлар, элнинг эътибори-да!
— Ана шундай овозли жонлилардан баримизда бор! Хуржундаги қат-қат тўнларни айтмасак-да бўлади!

21

Бойсунга тўйга жўнадим. Ер билч-билч лойлигидан, от думини тугиб қўйдим.

Биродарлар, бойсунликлар қитмир эл, бахил эл, ичиқора эл! Бировга бир нима қиймайди! Ўзлари бўлолмайди, бўлганни кўролмайди! Бизнинг ома¬димизни камситади! Бизнинг муваффақиятимизни ерга уради! Парокандалигимизни кўриб қувонади! Яйраб кулади, мириқиб кулади! Вой бечора-э, вой бечора-а, дейди! Начора, биродарлар, начора, сут билан кирган, жон билан чиқади!.. Бугунги кўпкарида-да шундай бўлди.

Шўрчидан Файзулла чавандоз келди. Во уккағар, ана чавандоз! Беш кетдим! Остидаги оти қизбел! Сув илондай чопди! Улоқни кетма-кет икки бор айирди!

Учинчиси менда кетди.

Улоқ гоҳ шўрчиликларда, гоҳ бизда, гоҳ вахшиворликларда юрди. Бойсунликларга тегмади.

Файзулла чавандоз улоқни учини бор ердан узиб олди!

Ана шунда бойсунликлар куйиб кетди! Бир бойсунлик Файзулла отининг жиловидан тортиб қолди. Яна бир бойсунлик улоқни юлқиб-юлқиб тортди, Файзулла чавандоз қўлидан тушириб юборди!

Файзулла чавандоз яна улоққа узалди. Яна улоқни олиб жўнади. Қизбели тозидай чопди!

Бойсунликлар кейинда қолиб кетди. Аммо улкан бир айғир изма-из етиб борди. Айғир чавандози улоққа узалмади. Йўқ, узалмади. Айғир, Файзулланинг Қизбелини кўкраги билан уриб ўтиб кетди! Қасддан қилди, қасддан!

Файзулла чавандоз Қизбели умбалоқ ошиб йиқилди. Файзулла Қизбел оти бошидан ерга айланиб тушди.

Қизбел сапчиб турди, беш-олти одим қўйди. Кейин, чавандозига қараб юрди. Чавандози олдида оёқ илди.

Файзулла чавандоз йиқилиш зарбидан ирғиб туриб кетди. Уст-бошларини қоқди.

Э, тавба-э, тавба-э! Чавандоз девордан ағнаса, албатта бир ери лат ейди. Майдагина эшакдан йиқилса, хиёл вақт қимирламай ётади. Ўқдай учиб бораётган отдан йиқилса, ҳеч нима кўрмагандай, сапчиб туриб кетади!

Биродарлар, эшак йиқитса, туёғини тўшайди, от йиқитса, ёлини тўшайди!

Файзулла чавандоз Қизбел олдига борди. Қизбел баданига ёпишган лойларни артди. Қорнига сидирилиб тушган эгарни олди. Қайтатдан эгарлади.

Тағин тўдага от қўйиб келди. Улоққа қаҳр билан ёпишди.

Бу сафар бойсунликлар улоқни от туёқлари остига бостириб олди.

Файзулла чавандоз улоқни туёқлар остидан тортиб ололмади. Тўдадан энтикиб-энтикиб чиқди.
— ... сиғса от мин-да, баччағар! Ўл-э, шу кунинга-э! Тфу! — деди.

Файзулла чавандоз тупиги улкан айғир сағрисига сачради.

Файзулла чавандоз араз уриб кетди. Изидан узанги йўлдошлари жўнади.

22

Бойсунлик чавандозлар улоқ ололмаслигини билди. Энди қинғирлик йўлига ўтди.

Улоққа чилвир солди! Чилвир ярим қулочча келадиган арқон бўлади. Йўғонлиги бошмалдоқдай бўлади. Учлари билак билан эгар қоши сиғадиган қилиб тугилади. Чавандоз чилвирни улоқ кезанагидан ўтказиб олиб, билагига ўрайди. Ана ундан кейин улоқни тортиб олиб бўлмайди!

Улоққа чилвир солишнинг зўр бир хили бор.

Бойсунликлар айни шу зўрини қўллади: бирови бир амаллаб улоқни ердан узди. Чилвирни кезанакдан ўтказиб олди. Учларини эгар қошига илди. Кейин, улоқни тақимига босиб чопди.

Шу улоқни олиб бўладими? Ё, чавандозни эгар-абзали билан ағдариб олиб бўлади, ё, оти билан қўшиб йиқитиб олиб бўлади. Бўлмаса, олиб бўл¬майди!
— Чилвир! Чилвир солди!
— Ай баковул, тўриқ чилвир солди!
— Ҳаром, тўриқнинг улоғи ҳаром!

Баковул барини кўриб турди, барини эшитиб турди. Аммо елкасини қисди, лабини бурди, талмовсираб туриб олди.
— Чилвир? Қанақа чилвир? Окун, меҳмони азизсиз, бўҳтон қилманг! Тўриқ, кел, ҳақингни ол!— деди.

Чавандозлар гапи бесамар бўлди. Кўплар кўпкаридан қўлини ювиб, қўлтиққа уриб кетди.

Шўрчилик Ҳамдам чавандоз кетаётиб, мана бундай деди:
— Ай баковул, шундай ҳақ олиб егандан кўра, кўчадан... териб есаларинг бўлмайдими? Бир мўмин банда ўзи емай, ўзи ичмай йиғинди, элга тўй берди. Ўйла-да, имонсиз! Шу ҳаромлигинг ўзингга, ўзингга бўлмаса, бола-чақангга уради, мана кўрасан!

Баковул ерпарчин бўлди. Аммо гапидан қайтмади:
— Окун, чилвир солмагани ҳақиқат! — дея чикиллади.
— Э, тупурдим, шу ҳақиқатингга!

Ҳамдам чавандоз этагини қоқиб кетди.

23

Биродарлар, чавандозлар нимага этагини қоқиб кетаяпти? Адолатга! Нимага тупуриб кетаяпти? Адолатга! Кимдан аразлаб кетаяпти? Адолатдан! Бир тўда номард, имонсизга аччиқ қилиб, адолатни ўтга ташлаб кетаяпти!

Биродарлар, биз ҳамиша адолат, адолат деймиз. Тилдан қўймаймиз. Адолатсизликни кўриб, хуни-бийрон бўламиз. Ҳаётдан, тақдирдан нолиймиз. Адолат йўқ, адолат осмонда, деймиз.

Йўқ, биродарлар, адолат ерда! Оёқларимиз остида! Адолат тупроққа қоришиб ётибди! Адолатни ким бундайин хор қилаяпти? Биз — ўзимиз! Мен, сиз, Файзулла чавандоз, Ҳамдам чавандоз! Ана, улар қочиб кетди! Шу-да, адолат жафо чекаётганда қочамиз! Адолатдан юз ўгирамиз! Кўриб, кўрмасликка оламиз!

Бир имонсиз адолатни бўғса, йўлимизни чап соламиз. Ёмондан қоч-да қутул, ё, тон-да қутул, деймиз. Ёмон билан тенг бўлмайин, деймиз. Ўзимизни билмаганга олиб ўтирамиз. Тилимизни тишлаймиз. Обрўйимиз кетиб қолишидан, ё, амалимиздан айрилиб қолишдан қўрқамиз. Ўзимизга ғаним орттиришдан қўрқамиз. Қўй-қўя бер, тўғри гап туққанингга ёқмайди, дея қўл силтаймиз.

Ана, бари қочиб кетди! Қочиш, бизнинг узанги йўлдошларга-да юқди.
— Юринг, кетдик! — деди.

Мен жеркиб бердим:
— Ҳеч қаёққа кетмайман! Кўпкари охиригача чопаман! — дедим.
— Нима қиласиз, шулар билан тенг бўлиб! Буларнинг жазосини худо берсин!
— Нимага энди бари нимани худога соласизлар?! Ўзларингиз одам бўлиб нима қилиб юрибсизлар?! Худо бўлса, шундай имонсизлик бўлармиди!

Узанги йўлдошларим кўнглимга қаради.

Бир бойсунлик чавандоз ёнидагига шивирлади:
— Яхши бўлди, бари кетаяпти. Улоқ энди ўзимизга қолади.

24

Қаҳрим қўзигандан қўзиди. Тарлонни Самад чавандозга бердим. Ўзим Самаднинг чеккагир кўк саманини миндим. Тўда гирдини пойлаб юрдим.

Бир бойсунлик улоққа яна чилвир солди. Лип этиб ёнидан бордим, улоқ бутидан ушладим. Улоқдан қўлимни олмадим.

Охири бойсунликнинг оти ҳолдан тойди. Ўзинингда ҳафсаласи пир бўлди. Улоқни қўйиб юборди. Улоқ ерга тушиб кетди. Мен ушлаб қололмадим.

Кўк саманни олисдан қайириб келдим. Пешо¬нам¬ни енгим билан артдим. Ёқамни кўтариб-кўтариб, кўкрагимни шамоллатдим. Шундай роҳатландим, шундай роҳатландим. Шундай ро¬ҳат¬ландим, шундай роҳатландим! Тани жоним яйради! Савоб иш қилгандай бўлдим!

Эндиги улоқ вахшиворлик Йўлдош чавандозда бўлди. Йўлдош улоқни чилвирсиз, ҳалол олиб кетди.

Йўлдош чавандозга зиён бермадим, ошига шерик бўлмадим.

Тағин тўда четига бориб турдим. Остимдаги кўк саман оғирлигини орқа оёқларига солди. Кетига хиёл чайқалиб турди.

Энди Жийрон отли бир бойсунлик улоқни олиб жўнади.

Мен дарров кўк саманни ёнидан қўшдим. Улоққа ушлашдим. Басма-бас ушлашдим. Тенгма-тенг ушлашдим.

Бечора чавандоз чап бериб, чап бериб, кўп чопди.
— Қўйиб юбор, ҳақнинг ярмини бераман, — дея шивирлади.

Ўзимни эшитмасликка олдим, улоқни ушлаб чопдим.

Бойсунлик аламидан ёмон-ёмон ўқрайди, ёмон-ёмон чақчайди. Бураб-бураб сўкди. Охири улоқни ташлаб юборди.

Ишқилиб, бойсунликларга улоқ бермадим. Бойсунлик чавандозлар улоқ ололмади.

Баковул барини кўриб турди, барини билиб турди. Ана энди... ана энди, қитмирнинг бориб турган қитмири қиладиган ишни қилди: улоқни тўдадан четга олиб жўнади. Сўраганларга:
— Бутлари шалвираб қолибди, — дея жавоб берди.

Чавандозлар баковул йўлига қараб турди. Баковул тўдага янги улоқ сўйиб келади, дея умид қилди.

Хиёл ўтди, баковул қайтиб келди. Улоқни тўдага олиб келиб ташлади.

Улоқни кўриб, ёқаларимни ушладим. Ё, тавба, ё, тавба! Ўша-ўша улоқ. Лекин бўйни йўқ! Бутлари йўқ! Ҳалигина бор эди, баковул қирқиб ташлабди! Бундай улоқни ердан кўтариб бўлмайди! Боиси, ушлайдиган ери йўқ! Жунидан ушлаб кўтарайин деса, жуни юлиниб кетади!

Шундай бўлса-да, чавандозлар ноумид шайтон дея, улоққа талпинди. Аммо ердан узиб ололмади.

Баковул кўнглидагидай бўлди! Ана энди баковул кўпкарининг охирини айтди:
— Эшитмадим деманглар, олган-олгани! Олган-олганига шу улоқнинг ўзи, бир кило ёғ, бир кило гуруч, сабзиси бор! Ол!

Бундай улоқни ердан узиб олишнинг бир йўли бор. Лекин жуда-жуда қийин...

Бахташ таваккал! Ўзимизнинг Тарлонни миниб олдим. Узанги йўлдошларимга, бот-бот тайинладим. Ўзим улоққа қараб юрдим. Узалдим, узалдим... тағин узалдим... улоқ жунини эти билан қўшиб ушладим, ғижимлаб ушладим. Бор кучим билан силтаб кўтардим, эгар қошига ўнгариб олдим! Кўкрагим остига босдим, билакларим билан босдим!

Кўз илашмай қолди!

Қолган иш, Тарлон иши бўлди! Тарлон тулкидай чопди!

Кўпкари охири менда кетди. Мен зафар қозондим!

Биродарлар, ўзбек эли ўр келади, ўзи ўжар, зўр келади!

25

Рихсиев қишлоққа кўчиб келди.

Биров урилиб келди деди, биров шаҳардан безор бўлиб келди, деди. Урилиб келдими, сурилиб келдими, ишқилиб келди. Мактабда муаллим бўлди.

Биздан икки ҳовли нарида ота мерос кўҳна ҳовлиси бор эди. Ана шу ҳовлида яшади. Қиш бўлсада, ҳашар қилди, ҳовлисини созлади.

Бир куни мени-да ҳашарга айтди. Ўлмайиннинг кунидан бордим. Ҳамсоячилик, қош бор, қобоқ бор-да.

Рихсиев супада ёнбошлаб олди. Қўлини лойга урмади. Ҳашарчиларга гап бериб турди.

Биродарлар, Рихсиев қулоқ-мияни қоқиб, қўлга берди! Бидир-бидир... Оламда гап қолмади! Қаерда уруш бўлаяпти, қаерда сургун, қайси мамлакат подшоси қаерга борди, нимага борди, нима деди, поездда бордими, самолётда бордими, мезбонлар билан қучоқлашиб кўришдими, ё, қўл учида кўришдими, ҳеч нима қолмади!

Бошим ғувиллаб қолди. Тишимни тишимга қўйиб чидадим.

Рихсиев эртага-да ҳашарга айтди.
— Келолмайман, эртага кўпкари бор, — дедим.

Шу вақт уйдан одам келди. Паловга қарамадим, ҳадаҳалаб уйга бордим. Уйимизда ча¬қалоқ инга-ингалади.

Биродарлар, мен ота бўлдим, ота! Ўғил! Хумор холамиз ўғлимизга момочи бўлди!

Тонгни кўз юммай оқладим.

26

Эрталаб Тарлонни сувлатмадим. Емни камроқ бердим. Қишлоқ машриғидаги чимзорга бордим.

Отлар сийрак бўлди. Борлари-да ўзимизнинг отлар бўлди. Меҳмон отлар тахчил бўлди.

Тарлонни тўдага солдим. Тарлон тўдага кирмади! Кейинига тисарилди. Сувлиғини чайнади, бошини сарак-сарак этди.

Тиззам билан биқинига ниқтадим, сағрисига қамчиладим.

Тарлон сесканди, Тарлон турган жойида ер депсинди.

Кўз қўрқитар учун боши узра қамчи ҳаволатдим.

Тарлон урсанг ур, мана, дегандайин қулоқларини чимириб турди.

Билдим, Тарлонда кайфият йўқ, билдим!

Биродарлар, ҳар бир отнинг ўз феъл-атвори, кайфияти бўлади. От кайфияти йўқ кунлари инсонга бўйин эгмайди. Ана шу кунлари инсон кўп ғашига тегса, инсон елкасидан ғарчиллатиб тишлаб олишдан-да, қовуғига тарсиллатиб тепишдан-да қайтмайди!

Бундай вақтларда айрим чавандозлар қамчи дастаси билан отнинг бошига уради. Оқибат, от жон аччиғида чавандозини йиқитиб қочади.

Ана шунда от инсондан безади. От инсондан қайтади! Ўзининг девлар аждодига тортади! Аждод¬ларини қўмсайди, адирларга қараб қочади. Гала¬ларга бориб қўшилади. Айғирлари билан кўришади, биялари билан суйкашади. Аждодларининг ҳавосини олади! Бир-бирлари билан искашади. Инсон зотидан нолиб-нолиб бошлайди, кўнглини ёриб-ёриб бошлайди, дардини тўкиб-тўкиб бошлайди... Дев бошим билан инсонга бош эгдим, дейди, таъзим қилдим, дейди, қул бўлдим, дейди, аммо эл бўлмадим, дейди...

Йўқ, кайфияти йўқ кунлари отга индамаслик лозим бўлади, кўнглига қараш лозим бўлади!

Шу боисдан Тарлонни ошиқча зарбаламадим. Тўда теварагини айланиб юрдим. Шунчаки томошагўй бўлдим.

Чимзорда ер ёриб чиққан чўқир тошлар кўп бўлди. Шу боис, чавандозлар кўзига қараб чопди. Отларини қоқилиб кетишдан авайлайди.

Оқтуёқ отлар бир четда томошагўй бўлди. Боиси, оқтуёқ отлар тошли ерда чополмайди. Тошлар туёғини уриб ташлайди.

Кўпкари охирида баковул жар солди:
— Чавандозлар дейман-ов, бугун от кам келди! Узоқ-яқиндагилар тўйнинг икки кунидаям кўпкари бўлишини билмаган-да! Шу боисдан қобил полвон эртага катта кўпкари беради! Армонда қолма!

Уйда Тарлонни илиқ сув билан ювдим. Қашилаб-қашилаб парваришладим.

Хуфтон вақти-хуфтон вақти тўйхона теварагини айлантирдим. Карнай-сурнайлар овозини эшиттирдим, тўйхона ҳавосини олдириб-олдириб келдим. Кейин, ҳовли этагига солқи қилиб бойладим.

Ярим кечада Тарлон кишнади.

Ташқариладим, Тарлондан хабар олдим.

Тарлон олд оёқлари билан ер тирнади. Қозиқни айланиб-айланиб чопди. Пишқириб-пишқириб чопди.

Тўй ҳавоси Тарлонни қўзғади. Тўй ҳавоси Тарлонни кўпкарига чорлади!

Тарлон тушкун кайфиятдан фориқъ бўлди!

27

Эртаси куни отлар сероб бўлди. От кўплигидан бинойидай отлар-да тўдага тумшуғини тиқолмади.

Бир ош пиширим вақт ўтди. Улоқ ердан қимирламади. Қимирласа-да, беш-ўн одим судралиб бориб, тағин тушиб қолди.

Охири бир Чўбир от энлик кўкраги билан тўдани ёриб-ёриб, улоқни олиб чиқди. Тўда четида чағир отлиқ бир чеккагир чавандоз улоқни пойлаб туриб эди, шу чеккагир чавандоз чағир отини Чўбир ёнидан солди. Жипслашиб келди-да, улоқни юлди-кетди. Эллик-олтмиш қадамча чопиб борди.

Катта-катта кўпкариларда улоқ тўдадан сағал чиқса бўлди, ҳалол бўлади. Шу боис баковул дарров қамчисини боши узра кўтарди:
— Ҳало-о-ол! Ташла, Чағир, ташла! — деди.

Биродарлар, чеккагир чавандоз ўроқда йўқ, машоқда йўқ, хирмонда ҳозир чавандоз бўлади!

Чеккагир чавандоз тўда чеккасида гир бўлиб пойлаб юради! Шу сабабли-да уларни чеккагир дейдилар. Ўзлари-да, отлари-да чеккага ўрганган бўлади. Чеккагирлар тўдадан улоқ ололмайди. Чеккада туриб, тайёр ошни пойлайди. Улоқ тўда¬дан чиқдими, бўлди, чеккагир улоқни тулкидай илиб кетади.

Улоқни тўдадан олиб чиққан чавандоз эса, меҳнатига куйиб қолади!

Мен минг азоб билан улоқ олиб чиқдим. Менинг улоғимни-да шу Чағир чеккагир юлиб кетди. Мен сонимга урдим, аттанглаб қола бердим.

Чағир чеккагир бошга битган бало бўлди.

Шунда мен, бир усталикни қўлладим. Улоқни олдим-да, кун тарафга қараб от солдим. Кунга юзма-юз чопдим.

Ёнимда келаётган Чағир от йўлда қолиб кетди. Боиси, Чағир отнинг кўзи кўк бўлади! Кунга қараб чополмайди! Кўзлари шафақланади!
— Тарлонники ҳалол, Тарлонники ҳалол! Тарлон, ма, ҳақинг! Чавандозлар, энди қоралик қўяман! Мана! — деди баковул.

Баковул шундай дея бир йиртим қизил матони кўз-кўз этди. Матони ярим қулочча чўп учига илдириб, байроқча қилди. Байроқчани чимзор четидаги каттароқ ўчоқдай чуқур лабига қадади.
— Мана шу чуқур қоралик! Кимки улоқни шу чуқургача олиб келиб ташласа бир қўй, эллик сўм пул, бир тўн олади! Қулоғи оғирлар бўлса, қайтариб айтаман...

Қоралик — кўпкарининг энг мушкули, энг қийинидир. Шу сабабли-да кўпкари ғуруридир, кўпкари юзидир. Қораликни ҳалоллаш чавандозга-да, отга-да фахр! Улоқни қораликка бир марта олиб бориб ташлаш, тўдадан уч марта улоқ айиришдан зиёд!

28

Кўпкари қизигандан-қизиди.

Шу вақт, Жўра бобо от йўрттириб келди.
— Зиёдулла чавандоз, бизнинг тўриқниям бир кўринг, укам, — деди.

Жўра бобо шундай дея, отдан тушди. Жиловни менга узатди. Мен Тарлон жиловини унга бердим. Бобонинг қора тўриғини миндим.

Жўра бобонинг гапини ерда қолдириб бўлмайди. Жўра бобо олтмишдан ошиб қолди. Аммо фарзанди йўқ...

Икки марта уйланди. Икковида-да фарзанд бўл¬мади. Учинчисига уйланди. Бундан-да бўлмади. Қўйиб юборган аёллари бошқаларга тегиб-тегиб кетди. Болалик бўлиб-бўлиб кетди.

Шунда, Жўра бобонинг боши эгилиб қолди. Юзи кўксига қараб қолди. Давраларда дастурхондан кўз олмади. Кўчаларда этиклари учига қараб юрди. Овозини қўйиб гапиролмади...

Жўра бобо бир нимага эътибор берди. Жўра бобо, деган от элдан қолди. Эл ўзини, ё, уйини кўриб, Жўра бобони эслади. Кўришиб, бардаммисиз, Жўра бобо деди. Бу уй Жўра бобоники, деди.

Бошқаларнинг оти бўлса, ҳамиша эл оғзида бўлди. Айтайлик, ҳамсоясининг ўғли мактабга боради. Муаллим йўқлама қилади. Муродов, дейди. Ҳамсоясининг ўғли сапчиб туради, мен, дейди. Синфга бир кунда олтита муаллим киради. Демак, ҳамсояси Муроднинг оти олти бор жаранглайди. Ҳамсоясининг саккиз боласи бор. Бари мактабга боради. Ҳар бирови отасининг отини кунига олти марта жаранглатади! Демак, ҳамсояси бир кунда қирқ саккиз бор эл оғзига тушади!

Яна тағин, кўчаларда неча марталаб оти айтилади. Бу кимнинг ўғли? Муроднинг ўғли? Бу кимнинг қизи? Муроднинг қизи!..

Жўра бобо жонига тўйди. Бир тушда қорадори еди. Устидан совуқ сув ичди. Ёрилиб ўлмоқчи бўлди!

Бир чинни коса сувни оғзига олиб борди. Лабларига теккизди. Шунда, бирдан айниди. Мардона-мардона, аччиқма-аччиқ иш қилиш феъли тутди! Сувни зарда билан отиб юборди. Коса чил-чил бўлди...

Мол-қўйларини сотди. Пулига қаймоқранг «Жигули» олди. Рулни ҳамсоясининг тўнғич ўғлига берди.
— Айтган еримга миндириб бориб келсанг бўлди, — деди. Асл мақсади бошқа бўлди. Асл мақсади — машинаси кўчани чангитиб юрсин, одамлар бу Жўра бобонинг машинаси, десин. Жўра бобонинг машинаси қаймоқранг, десин. Йўлда ГАИлар ушлаб ужжат кўрсин, Жўра бобо, деган номни ўқисин...

Жўра бобонинг бундан-да кўнгли тўлмади. Машинасини пуллади. Пулига ана шу Тўриқни олди. Фарзандлар насибасини-да, фарзандлар ризқи рўзини-да ана шу Тўриққа едирди...

Қариди, ўзи улоқ чопмади. Шундай бўлса-да, тўриқни кўпкариларга боқди, кўпкариларга шайлади. Чавандозлар билан олислардаги кўпкариларга борди. Бировнинг оти толиб қолса, ё ярамай қолса, ана-шу чавандозга Тўриғини берди.

Жўра бобонинг дарди ёлғиз бўлди, дарди эзгу бўлди: тўриғи улоқни айирсин. Баковул улоқни Жўра бобонинг оти айирди, дея жар солсин. Жўра бобонинг оти, кел, ҳақингни ол, десин. Кўпкари аҳли Жўра бобо деган номни эшитсин. Қулоғи оғирлар улоқни ким олди, дея қайта сўрасин. Шунда баковул, улоқ¬ни Жўра бобонинг оти олди, дея қайта-қайта жар солсин. Жўра бобо деган номни олам-жаҳон одам эшитсин...

Баковуллар-у чавандозлар Жўра бобо дилидагини дарров илғаб олди.

Кўпкариларда Жўра бобо тўриғини марҳамат этса, чавандозлар йўқ демади. Кўнглига қаради. Жўра бобо тўриғини берса берди, бермаса, атайин сўраб олди.

Баковуллар Жўра бобо кўнглидан борди.

29

Жўра бобонинг тўриғига қораликни кўрсатиб келдим, қораликни искатиб келдим.

Хиёл ўтди, тўда гувиллаб қўзғолди. Улоқни бир Чил от олиб чиқди.

Биродарлар, Чил отнинг бир ери кўк, бир ери оқ, яна бир ери қора бўлади. Шу боисдан чил-да!

Чил йўлини чап солиб-чап солиб чопди. Чағир чеккагир Чилга яқин-да боролмади. Чеккагир армонда қолди.

Баковул қамчисини боши узра силкиди.
— Бекор, Чилники бекор! Қораликка тушмади!— деди.

Чин, улоқ чуқур лабида илашиб олди. Улоқ чуқур ичига тушсагина ҳалол бўлади.

Баковул улоқни қораликдан холисга олиб бориб ташлади.
— Чавандозлар, қўйилган зотлар жойида қолди! Ол-ҳа, ол! — деди.

Боянаги чил от улоқни тағин олиб чиқаман деди. Бир ҳавасим келди, бир ҳайратим келди. Нимага энди фақат шу чил от олаяпти? Ҳатто чеккагирларни-да доғда қолдираяпти?

Фаросат билан қарадим. Бир талай узанги йўлдошлари Чил от теварагини ўради. Чил чавандози улоқни хотиржам узалиб олди. Тўдадан суғурила бошлади. Узанги йўлдошлари ўзга отларни Чилга йўлатмади, йўл бермади. Гўё улоқ¬қа талашаётган бўлиб, Чил отни ўраб-ўраб чопди. Чил сағрисига қамчилаб-қамчилаб, мадад бериб-мадад бериб чопди.
— Дарбанд! ҳайда, Дарбанд! Ғайрат қил, Дарбанд! — дейишиб чопди.
— Бос, бўш келма, Дарбанд! — дейишиб чопди.

Демак, булар дарбандлик чавандозлар бўлди. Дарбандлик чавандоз улоқни тақимига босиб олди. Айқириб-айқириб от қўйди:
— Оҳо-ҳай, оҳо-ҳай, оҳо-ҳай! Ҳай отам, ҳай отам-а, ҳай отагинам-а! Ҳайда-я!..

Биродарлар, Дарбандлик чавандоз отни отам деяпти, отам! Аҳай-аҳай!

Чил от бу сафар улоқни дангал ташлади.
— Ҳало-о-ол! Чил, чил дейман-ов! Улоқни олган ерингга олиб бориб ташла! Чавандозлар, эндиги зотга катта бир ҳўкиз қўйилди. Сўйсанг бир тўйни тўйдиради! Ол, армонда қолма!

Тўда яна қораликка қараб от қўйди. Улоқ бу гал «8-Март» колхозилик Саманда бўлди.

«8-март»ликлар ҳайбаракалла қилди:
— Қўйма, «8-Март», қўйма!

«8-Март», эҳтиёт бўл, кетингдан Чағир бораяпти!
— Бос, жонинг борича бос!
— «8-Март», отни қамчила!

Ҳўкиз «8-март»ликларда кетди.

30

Эндиги улоқни мен олиб чиқдим. Отлар олдимни олди. Йўлимни ёпиб чопди, ёнларимни ёпиб чопди. Отлар мени қораликка йўлатмади.

Биродарлар, ёлғиз отнинг чанги чиқмайди, чанги чиқса-да, донғи чиқмайди!

Аламимдан хуноб бўлдим. Ўзимизнинг чавандозларга бақирдим:
— Жонларинг борми?! Келинглар-да энди!

Шундагина бизнинг чавандозлар ўзига келди. Гапни бир ерга қўйди.

Мен яна улоққа кирдим. Узалиб, улоқни ердан уздим. Жўра бобонинг тўриғи олға юрди.

Баковул жар солди:
— Улоқни жўра бобонинг оти кўтараяпти, Жўра бобонинг!

Беш-олти қўл улоққа узалди. Аммо мен куч бермадим. Улоқни бор кучим билан ушлаб олдим. Тўдадан суғурилиб чиқдим.
— Улоқ Жўра бобонинг отида! Эшитмадим деманглар, Жўра бобонинг отида!

Узанги йўлдошларим теварагимни олиб чопди. Ўзга отларга йўл бермади. Жўра бобонинг Тўриғини қамчиладим, ҳайбаракалла қилдим.
— Ҳа, бос, Жўра бобонинг оти!
— Ҳа, селкиллаган ёлингдан айланайин! Ҳайда-я, Жўра бобонинг оти!
— Ий-ий-ий, ий-ий-ий!..

Дупур-дупур-дупур... Отлар пишқирди, отлар кишнади. Ёллар селкиллади. Думлар товус пати мисол ёйилди. Туёқлар остидан чанг ўрлади. Дупур-дупур-дупур...

Жўра бобонинг оти қораликка забт билан келди. Чуқурдан сапчиб ўтди. Шунда улоқни қўйиб юбордим.
— Ҳал-о-ол! Жўра бобонинг тўриғиники ҳалол! Жўра бобонинг тўриғи, кел, ҳақингни ол!

Ҳақни олиб, Жўра бобонинг олдига бордим. Жўра бобо жилмайиб, бош ирғади. Теваракка ғолибона ҳам хушвақт қаради. Кўрдиларингми, улоқни биз¬нинг отимиз олди, деган бўлди.

31

Қиш қариди.

Ҳавода кўклам иси анқиди. Бойчечаклар кетидан қорақошлар очилди.

Кўкламни бағримга босдим, тўйиб-тўйиб искадим.

Бир гап эшитиб, кўклам кайфиятим қиш бўлди. Кўклам рангим синди.
— Жамики отлар гўштга топширилар эмиш.

Колхоз радиоузели шундай деди.

Бригадир уйма-уй юриб айтди. Важини сўрадим. Бригадир елка қисди. Кўрсаткич бармоғи билан шипни кўрсатди.
— Бари юқоридан, бизда гап йўқ, — деди.

Бригадир айтган юқоридан одам келди. Идора олдида кўрдим. Ёнида иккита милитсионери-да бор.

Катталар уйма-уй юриб, от олди.

Эл от бермайин деса — катталар! Эл ёқалашайин деса — ёнида шапкалар!

Эл остонагача отларига эргашиб борди.

Эл қонқора қақшади.

Эл дарди ичида бўлди.

32

Ҳа-э, дедим, пешонада борини кўрамизда-э, дедим.

Ҳофиз қассобдан икки кило қўй гўшт олдим. Белбоққинамга тугиб, уйга келдим. Супада чордана қуриб, гўшт нимталадим. Лаҳимни бир ёқли, суякни бир ёқли қилдим. Уккағар Ҳофиз қассоб серсуяк қилиб берибди. Хийла овора бўлдим.

Шу вақт, Тарлон пишқирди.

Кўзимни гўштдан олиб қарадим.

Тарлон жойида телбаларча ирғишлади. Ўзини уёққа урди, буёққа урди. Тасир-тусур ер тепди. Олд оёқлари орасига тумшуқ тиқди. Қорнига тумшуқ чўзди. Сағринига тумшуқ чўзди. Тумшуғи сағринларига етиб-этмади.

Думлари билан сағринларини урди, қоринларини урди.

Орқа оёқларини кетига силтаб-силтаб пишқирди. Гўё бир нимани тепган бўлди.

Мен аввал-аввал, Тарлон шўхлашиб ўйнаяпти, деб ўйладим.

Йўқ, Тарлон шўхлашиб ўйнамади.

Тарлон дингиллади! Динг-динг этди!

Шу Тарлон ё яъжуж-маъжуж кўрди, ё олабўжи кўрди, дея ўйладим.

Ҳадаҳалаб бордим. Теварак-бошни қарадим. Яъжуж-маъжуж-да кўрмадим, олабўжи-да кўрма¬дим.

Ҳайрон бўлдим. От арқонини ушладим.
— Так-так, так дейман! — дедим.

Тарлон шунда-да дингиллади. Дингиллаб, арқонини юлқиди. Дингиллаб, арқонини силкиди.

Кетимга чалқайиб оёқ тирадим. Арқонни қўш¬қўллаб тортдим. Шунда-да бўлмади. Дал¬банглаб-далбанглаб кетдим. Бор-э, дея арқонни қўйиб юбордим.

Бор эътиборим билан қарадим. Бор фаросатим би¬лан ўйладим. Қараб-қараб топдим, ўйлаб-ўйлаб топдим.

Бизнинг Тарлонга гўбалак дориди!

Гўбалакда бингак пишидай заҳар ниш бўлади. Шу нишини от баданига суқиб-суқиб ола беради.

Гўбалак осмондан тушмайди, ердан чиқмайди. Четдан-да учиб келмайди.

Унда, гўбалак қаердан келади? Гўбалак отнинг ўзида бўлади! От деб аталмиш ҳар бир жо¬ниворнинг ўз гўбалаги бўлади!

Гўбалак отнинг қаерида бино бўлади? Гўбалак отнинг думи остида бино бўлади!

Шу боис, гўбалак отпашша дейилади!

Бир қўлим билан от арқонидан маҳкам ушладим. Бир қўлим билан калламдан телпагимни олдим. Телпагимни шайлаб турдим.

Гўбалак от думи остидан чиқди дегандан, телпагим билан тапиллатиб уриб ўлдирдим.

Жойимга қайтиб бориб ўтирдим.

Тарлон тағин қозиғини айланиб-айланиб чопди. Дирк-дирк ўйнади. Ўйнаб-ўйнаб пишқирди.

Тарлон гўбалакдан халос бўлди-да! Энди, ўйнайди-да!

Тарлон думлари ёйилди, ёллари ҳурпайди. Ёл¬лари бир чап бўйнида, бир ўнг бўйнида ўйнади!

Бир қўлим гўштда, бир қўлим пичоқда қолди. Кўзим Тарлонда қолди! Ё, пирим-эй, ё, пирим-эй! Гўштга топширади? Шундай зотни-я? Шундай хушрўй зотни-я? Гўшт қиладиган бошқа жонивор қуридими? Ўзи, қандай қилиб гўшт қилади? Мана бундайми?

Дастурхондаги гўштга тикилдим. Ана шундай-да? Тарлон ҳадемай шундай бўлади-да? Лаҳими бир ёқли, суяги бир ёқли бўлади-да? Эб-эй, эб-эй!

Кейин, калла-пойчаси алоҳида бўлади. Туёқ¬ларини итга отиб юборадилар. Итлар туёқларни ғажиб ейди. Фақат туёқдаги нағаллар қолади.

Ёллари билан думларини кўмиб ташлайдилар. Ёллар тупроқ остида чирийди. Шундай ёллар-а? Бу ёл эмас, ипак, ипак! Бу ёл эмас, дўмбира тори, дўмбира тори!

Тарлон от эмас, Жуманбулбул куйлаган «Қун¬туғ¬миш»! Фозил Йўлдош куйлаган «Алпомиш»!

Гажак-гажак бўйинлар бўйин эмас, дўмбира, дўмбира!

«Кунтуғмиш»ни гўштга топшириб бўладими? «Алпомиш»ни гўшт қилиб бўладими?

Тарлон диркиллаб-диркиллаб ўйнади. Бирдан оёқ илди. Орқа оёқларини кенг ёйди. Бошини сарак-сарак қилди. Олд оёқларини кўтарди! Тағин, тағин-да кўтарди. Олд тиззаларини хиёл букди. Олд ту¬ёқлари ерга эгилди. Қулоқлари олға динг бўлди.

Тарлон орқа оёқларида тик турди!

Девор узра олис-олисларга қаради. Боботоғ чўққиларига қаради. Қаради-қаради... бор овози билан кишнади!

Қишлоқ узра кишнаш таралди. Хаёл қилдим, адирлардан акс садо келди. Хаёл қилдим, кишнаш Боботоғгача борди.

Биродарлар, тани жоним роҳат қилди! Жоним энтикди, таним яйради! Кўнглим хўрсинди, кўнглим жўшди.
— Аҳай-аҳай! Ҳа, овозгинангдан-а! — дедим. Ўзим кулиб, ўзим айтдим!
— Ҳа, жон! — дедим.

Кишнаш эмас, рубобий мусиқа эшитгандай бўлдим! Дўмбира сози эшитгандай бўлдим!

Биродарлар, от — рубобий мусиқа, от — кўркам суврат!

Бали-э, Тарлонбой-эй, бали-э!

Кўзим яна қўлимдаги гўшт билан суякка тушди...

Йўқ-йўқ, ўлсам-да йўл қўймайман...

33

Ярим кечаси Тарлонни жабдуқлаб миндим. Обширга от қўйдим.

Обшир қишлоғи кунботарида оқ тупроқли адирлар, тепалар мўл. Ана шу тепалар нишабида камарлар мўл. Тарлонни ана шу зимистон камарлардан бировга олиб кириб боғладим.

Кун ёйилди, олам мунаввар бўлди. Ана шунда уйга қайтиб келдим. Таътилланиб, подаётоққа бордим.

Оқшом вақти ўн кило арпа билан бир қоп самонни аралаштирдим. Қош қорайтириб, қопни орқалаб жўнадим. Йўлда терладим. Дам олиб-дам олиб бордим. Қопни камарга суяб қўйдим. Кафтимда гугурт чақдим. Тарлон кўрсин, мени танисин дея, оловни юзимга олиб келдим. Тарлон емсираб, илтижоли пишқирди.

Тарлонни етакладим. Шу яқиндаги ариқдан сувлаб келдим. Тўрвасида ем бердим. Баданларини қашиладим. Тарлонга қараб-қараб кетдим.

Уйда тамадди қилдим, ёнбошладим. Оёқла¬римни ёздим. «Вақт» эшиттиришлари-да адо бўлди. Шунда, тўшакка ўтиб ётдим. Кўзим илинди, кўзим кетди.

Бир маҳал, аёлимиз туртди.
— Турсин, биров чақираяпти, — деди.

Уйқусираб, қўзғолдим. Чопонимни елкамга ташлаб, ташқариладим.

Олапар итимиз дарвозага тармашиб-тармашиб ҳурди. Олапаримизга дўқлаб-дўқлаб бордим. Олапар думини ликиллатиб-ликиллатиб, ўзини четга олди.

Дарвозани очиб қарадим. Остонада раисимиз, ундан кейин дўппили одам билан иккита милитсионер бўлди.

Раисимиз боши билан дўппили одамга ишора қилди.
— Бу киши раён вакили, қишлоқ хўжалик бошқармасидан, — деди.
— Бинойи, бинойи. Қани, ичкарилангизлар.

Дўппили одам ичкарилади. Кетидан бошқалари эргашди.

Катталарга синчиклаб-синчиклаб қарадим. Дўппили катта мендайин бир кал бўлди. Ўзимиздан экан, дедим.

Кал катта теваракка аланглади.
— От қани? — деди.
— Қандай от? — дедим.
— От қандай бўлади? Тўрт оёқли, икки қулоқли от-да.
— Менда ундай от йўқ, катта. Калдан тароқ сўрама, дейдилар. Сиз бўлса, от сўраб ўтирибсиз.
— Топ, топ, каллани гаранг қилма! Ади-бади айтишиб ўтиришга вақт йўқ. Сенга ўхшаганлар¬нинг сони мингта!
— Менда от нима қилади, катта. Ана, қарангиз¬лар. Бўлса олиб кета берингизлар.

Кал катта бармоқларини ўйнатиб, милитсионерларга имо қилди.
— Тинтинглар! — деди.

Милитсионер билакдай хитойи фонарларини ёқди. Молхона, отхоналарни қараб келди.
— Ўзи йўқ, тезаги бор экан, — деди.

Кал катта менга юзланди.
— Ана, тезаги бор деяпти-ю? — деди.
— Мен сизга айтсам, катта, эшикли уй, меҳ¬монларнинг оти тезак ташлагандир-да. Таш¬лама деб бўлмайди, меҳмон от.
— Фамилиянг нима? Хў-ўш, Қурбонов, та-а-ак, Қурбонов Зиёдулла. Мана, рўйхатда ту¬риб¬сан, отинг бор. Гап шу, эртага яна келамиз. Отни топсанг топдинг, топмасанг, ўз ўпканг ўзинг билан бўлсин!

Кал катта дарвозага қараб юрди. Кетидан мили¬тсионерлар шахдам одимлар отиб жўнади. Раисимиз катталар кетидан пилдираб эргашди.

Шунда, ичкаридан онамиз чиқиб келди.
— Айт, улгу бериб кетсин, — деди.

Катталарга дарвоза остонасида етиб олдим.
— Катта, уйда чақалоғимиз бор, отини Иброҳимбой дейдилар.

Кал катта елкаси билан гапирди:
— Нима қилай шунга?
— Чақалоқли уйга бемаҳалда келиб бўлмайди. Мабодо биров билмасдан келиб қолса, ундан улгу олиб қолиш лозим.
— Қаердан оласан?
— Бизга барибир. Ўнгирингизнинг учидан майдагина бир ип бўлса-да майли. Аёллар чақалоқ¬ли уйда ипни исириққа қўшиб тутатадилар.
— Энди, шунгаям этагимни йиртайми?
— Йўқ, йиртиш даркор эмас, катта. Кийи¬мингизга илашган бирон-бир қил бўлса-да бўлади.

Кал катта қўл силтади. Йўлига бурилиб кетди.

Мен қайтиб келдим.
— Улгу бермади, — дедим.

Онамиз қарғаб-қарғаб ичкарилади. Тайпоқ тобоқда исириқ тутатди. Чақалоқли уйни уч айлантирди. Зиён-заҳматларни қувди.

34

Катталар хўжакўрсинга лалми дўқ уриб кетди, деб ўйладим.

Йўқ, эртаси куни тағин келди.

Искаланиб-искаланиб отхонани қаради, чақалоқли уйни қаради.

Катталар қилиғи ҳамиятимга тегди. Тишимни тишимга зўрға босиб турдим.
— Хўш, қани? — деди кал катта.
— Нима қани?
— От!
— От? Катта, сиз менга қайси бозордан от олиб бериб эдингиз? Деновнинг бозориданми, ё, Шўрчининг бозориданми?
— Тишингни кўп ғижирлатма, биз сендан қўрқмаймиз! Яхшиликча отни чиқар! қўша қўша мол, қўй, товуқ, от... бунча ҳайвонни нима қиласан? Ана, магазинда ҳамма нарса муҳайё. Гўшт дейсанми, сут, кефир дейсанми...
— Катта...
— Нима, ё, капиталист бўлмоқчимисан? Кечириб қўясан! Биз сотсиалистик жамиятда яшаяпмиз! Ҳадемай коммунизмда яшаймиз! Тўғрими, ўртоқ раис?

Раисимиз лаббайгўй бўлди.
— Тўғри, коммунизм сари бормоқдамиз! — деди.
— Ё, от миниб босмачи бўлмоқчимисан? Кечириб қўясан! Ўзи, аждодингда босмачи ўтмаганми? Бир текшириб кўриш керак...
— Катта, ундай деманг. Отам бечора Совет тузумини деб қурбон бўлди. Отга келсам, от — йигит¬нинг йўлдоши, катта. Қолаберса, от билан кўпкари чопамиз.
— Ия-ия, сен ўзи қайси жамиятда яшаяпсан, мия? Шу пайтгача эшакнинг қулоғига танбур чертяпманми? Кўпкари — эскилик сарқити! Кўпкари — ёввойилар ўйини!
— Катта... ўзи, кал калла — калла эмас экан-да! Бир менинг каллам шундаймикин десам, сизникиям меникидан қолишмайди!..
— Ўчир-э...
— Катта, энамни сўкманг. У бечора ичкарида неварасига қараб ўтирибди. Сизга бундайин бепошна гаплар эп бўлмайди.
— Ўчир дейман-э...
— Эса, мен ҳам сизнинг...

Гапим охирига етмай қолди. Кал катта қулоч¬кашлаб жағимга урди. Қўли аёлнинг қўлидай экан, жағим оғримади. Гапимни охиригача етка¬зиб айтдим.

Шунда кал катта кетимга тепмоқчи бўлиб шайланди. Мен ўзимни четга олдим. Чап бериб қолдим.

Кал катта ўз шашти билан, ўз забти билан супадан учиб кетди. Чуқурга бориб тушди.

Раисимиз довдираб қолди.
— Эб-эй, эб-эй!.. — деди.

Чуқурга сакраб тушди. Кал каттани суяб олиб чиқди.

Кал катта ҳансираб-ҳансираб нафас олди. Қўли билан мени кўрсатди.
— Ушланглар, бандитни ушланглар! — деди.

Икки милитсионер икки ёнимдан келди. Қўлла¬римни кетимга қайирди. Кетимга бир тепди. Колхоз идорасига олиб борди. Майдагина машинага босиб жўнади.

Йўлда қусиб-қусиб бордим.

Биродарлар, бензин исини ёмон кўраман! Бен¬зин бошимни айлантиради. Кўнглимни айнитади, қустиради. Осмондан тушгандай бўлиб қоламан.

Раёнга келдим. Орган олдида машинадан тушдим. Кал катта кетидан чап тарафдаги ойнаванд хонага кирдим.

Телефон олдида ўтирган милитсионерлар ўрнидан турди. Кал катта милитсионерларга кийимларини кўрсатди, дардини айтди.
— Ҳамкасбларнинг билан давлатга гўшт олиш учун бориб эдик, — деди. — Мана бу типга отни бер, десам бермади. Мени тутиб сўкди. Онам ҳам қолмади, хотиним ҳам қолмади. Кейин, бир уриб чуқурга ағанатиб юборди. Мана факт — уст-бошим лой! Ҳамкасбларинг жонли гувоҳ! Ана, раис ҳам бор. Тўғрими, раис?
— Тўғри! Тўғри! Чуқурга юмалатиб юборди! — маъқуллади раис. Бир милитсионер сўкиниб, олдимга келди.
— Уҳ, ҳайвон, уҳ бандит! Сен ҳали раҳбарларга қўл кўтарадиган бўлдингми? — деди.

Милитсионер ичимга урди. Мен ичимни ушлаб, бошим билан деворга суяндим. Кўнглим озди, кўз олдим қоронғи бўлди. Одамлар гоҳ учта, гоҳ тўртта бўлиб кўринди... Хона бир юмалаб, яна жойига келди.

Милитсионер кал катта олдига қоғоз қўйди.
— Мана, рапорт ёзиб, бошлиққа олиб киринг. Буни бир тиқиб қўяйлик, кўзи очилади.

Кал катта қоғозни тўлғазиб, олиб кетди. Хиёл ўтиб, яна қайтиб келди.
— Туш олдимга! — деди.

Мен олдига тушдим. Тор йўлакдан ҳовлига чиқдим. Кейин яна бир хонага кирдим.

Хона тўрида бақалоқли бир одам ўтирибди. Ўтиришидан катта одам кўринди. Елкасидаги юлдузлари-да катта-катта бўлди.

Кал катта қўли билан мени кўрсатди.
— Мана бандит! — деди.

Тўрдаги катта вазмин овозда сўради:
— Нега раҳбарларни урасиз, ўртоқ Қурбонов?

Мен бор гапни қўшиб-чатмай айтиб бердим. Тўрдаги катта энди нима дейсиз, деган бўлиб, кал каттага қаради. Кал катта ўрнидан туриб кетди.
— Ёлғон! У ўзини оқлаяпти! Биз раҳбарларга ишонасизми, ё, мана шунга ўхшаган подачига ишонасизми?
— Албатта раҳбарларга ишонаман. Раҳбарлар ёлғон гапирмайди.
— Бўпти-да!

Ўпкам тўлиб-тўлиб келди. Димоғимда минғирладим:
— Катта бова, мени мелисаларингиз урди...
— Нима-нима? Урди?
— Эшик олдида урди. Ҳушдан кетиб қолдим....
— Ундай бўлиши мумкин эмас, ҳозир чақирамиз.

Остонада ичимга урган милитсионер қора берди. Қўлини чеккасига теккизиб ғўдайди.
— Буйруғингизга биноан келдим, ўртоқ полковник! — деди.
— Лейтенант Исматов, айтинг-чи, нега бу кишини урдингиз?
— Кимни? Қўлимниям теккизганим йўқ, ўртоқ полковник!
— Урди деяпти-ку.
— Соф лейтенантлик сўзим, қўл кўтарганим йўқ! Ана, сержант Халилов ҳам бор, чақириб сўрашингиз мумкин.

Ўнг қўлимни қорнимга қўйиб кўрсатдим.
— Манави еримга урди... — дедим.

Шунда кал катта гапга суқилди.
— Қўлиниям теккизгани йўқ, ўзим устида эдим! — деди.

Тўрдаги катта менга юзланди.
— Ана, эшитдингизми, ўртоқ Қурбонов? — деди. — Биз урмаймиз! Совет милитсияси урмайди!

35

Бадбўй ҳужрада ётдим.

Ҳужрада кун-да бир бўлди, тун-да бир бўлди.

Бир маҳал темир дарвоза шарақлаб очилиб, шарақлаб ёпилди.

Биров ичкарилади.
— Кал, қаердасан? — деди.

Ичимга урмиш милитсионер овозини дарров танидим.

Жойимдан турдим. Дарвоза тараф юрдим.

Милитсионер ёқамдан бир қўллаб ушлади. Бир-икки силкилади.
— Нимага мени бошлиққа сотдинг? — деди.
— Сотмадим, биродар, бор-йўғи урганингизни айтдим, — дедим.
— Урдим? Қачон урдим?

Милитсионер чотларим оралатиб тепди.
— Мен урдимми?

Милитсионер созлаб тепди.
— Сени урдимми?

Милитсионер ёмон тепди!
— Мен-а? Сени-я?..

Чотларим уюшиб-уюшиб оғриди. Ачишиб-ачишиб оғриди.

Кетим билан шилқ этиб тушдим...

Тонг-саҳарлаб бадрабхона тозаладим. Ҳовли супурдим. Кўча супурдим.

Онамиз билан аёлимиз хўрак олиб келди.

Онамиз йиғлаб-йиғлаб ҳол сўради.

Аёлимиз куйиб-куйиб кўнгил сўради.

Онамиз билан аёлимиз бири қўйиб бири қарғади:
— Сенлар менинг болагинамни оёқости қилган бўлсанг, сен шапкаларни худойим худовандо оёқости қилсин!
— Худойим худовандо, болагинангнинг ўлганини кўр, сендайчикин шапкалар!
— Худоё, шу отлар билан қўшилиб, ўзинг ҳам гўшт бўлиб кет, сендайчикин шапкалар!
— Худоё, қирғиннинг олдида қирилиб кет, сендайчикин шапкалар!
— Илоҳи омин, худо бандам деса, Муҳаммад пайғамбар умматим деса, шул шапкалар элга эрмак, халққа шалоқ бўлсин, оллоҳу акбар!

Онамиз билан аёлимизга Тарлонни айтмадим.

Аёл зоти оғзи бўш бўлади. Биров-яримга айтиб қўяди.

Қолаберса, Тарлонни ёлғиз ўзимга ўргатиб эдим. Шу боис, Тарлон мендан ўзгани ўзига йўлатмайди. Ўзгалар қўлидан ем-да емайди.

36

Роса ўн кунда озод бўлдим.

Йўлда кўнглимга ҳадик тушди. Ҳадик танамга-да ёйилди.

Уйим қолиб, Обширга йўл олдим.

Адирга ўрладим. Камар олдида серрайиб қолдим. Кетимга чалқайдим. Кўкрагим отилиб кетадигандай бўлди.

Камарда... камарда тўрт таёқ устида бир нима турди. Жони борми, йўқми, билиб бўлмади. Иккита нима йилтиради. Кўзлар бўлдимикин?

Ичкари кирдим. Тарлон бўйнига осилиб-осилиб йиғладим. Тўйиб-тўйиб йиғладим...

Тарлонни камардан олиб чиқдим. Адирдан пастга етакладим. Тарлон оҳиста-оҳиста пастлади. Пастлаётиб, олд оёқлари букилди. Йиғилиб кетайин-йиқилиб кетайин, деди.

Ариқдан сағал сувладим. Ариқ ёқалатиб етакладим. Оёқларини ёздим. Қашилаб ювдим. Яна сувладим.

Камарга қайтариб олиб келдим. Бурчакда турган қопдан тўрвада ем олиб келиб осдим.

Тарлон жонлангандай бўлди.

37

Биродарлар, неча-неча қорабайирлар кетига қараб-қараб кетди.

Неча-неча жайронлар кишнаб-кишнаб кетди.

Неча-неча саманлар гўшт бўлиб кетди!

Қишлоқда отлар кишнамай қолди.

Саҳарлари кўчаларда от туёқлари тикилламай қолди.

Оқшомлари отлар тарсиллатиб ер тепинмай қолди.

Адирларда отлар дупур-дупур чопмай қолди...

Чавандозлар чемакдоши урушдан қайтмаган бўзбола мисол мунғайиб қолди.

Келинлар отда эмас, машинада келадиган бўлди.

Оламни машина овози бузди: дут-дут-дут...

Қишлоқда от номи ўчди.

38

Ора совиди. Қишлоқ тинчиди.

Ана шунда Тарлонни уйга олиб келдим.

Чавандозлар белига пул ўраб, Обоқлига йўл олди. Обоқлидан от олиб келди.

От билан ажаб гапларни-да топиб келди.

Гўштга от олиш кўпга келган тўй эмас эмиш. Обоқли тарафларда отлар бус-бутун эмиш, тус-тугал эмиш...

39

Бу гап қишлоқдаги беш-олти аризабоз қулоғига етди.

Аризабозлар қулоғи динг бўлди. Аризабозлар кечалари уйма-уй юрди, ариза тўплади.

Бир кеча бизникига келди. Аризабозлар султони бўлмиш Ботир мироб сирли овозда тайинлади:
— Дарвоза ичкаридан тамбалансин. Ҳовли чироғи ўчирилсин. Бола-чақа бу уйга яқин йўлатилмасин. Ичкари эшик зичлаб ёпилсин. Дераза пардалари туширилсин. Сўнг, қаршимизга келиб ўтирилсин!

Ботир мироб айтганларини бажариб келдим. Дав¬рага қўшилиб ўтирдим.

Аризабозлар бошимдан кечган савдони гапириб беришимни сўради.

Мен сир бермадим, талмовсирадим. Боиси, ўшанда ўн кун ётганим элга достон бўлди. Эл орасида юрувсиз бўлдим. Мана, достоним деярли унут бўлди. Кўнгилсиз достонимни яна қўзғагим келмади.
— Ботир ака, бўлган иш бўлди, буёғи синди. Қўйинг, шу аризабозликни, — дедим.
— Ия-ия! Ҳей, оғизга қараб гапирилсин! Ким аризабоз? Бизми? Биз ёзувчимиз, билиб қўй, ёзувчи! Халқ йўлидаги, ҳақиқат йўлидаги ёзув¬чилармиз! Анави ғазал, роман... ёзувчилар яна нима ёзади, ўртоқ Ҳамидов?

Қабатидаги адабиёт муаллими ўз улушини қўшди:
— Поема, баллада...
— Ҳа-ҳа! Поема, баллада ёзувчиларинг ёзув¬чи эмас, биз ёзувчи! Мана, биз! Ёзув¬чиларингнинг асарларида факт йўқ, адрес йўқ! Масалан, мана ўзимизнинг Тоғай! Бўри бечора¬нинг ўғли! Ўлишни китоб қилиб ёзди. Энди кўп¬кариниям китоб қилаётган эмиш. Ёзишга ёзди, лекин текширтирмади, чора кўрдирмади. Халққа нафи тегмади. Халқ ёзувчиларнинг китобини пул сарф қилиб олади. Вақтини исроф қилиб, эринмай ўқийди. Кейин... қайғули асарни нима дейди, ўртоқ Ҳамидов? Ҳа-ҳа, трагедия! Трагедия бўлса таъсирланиб йиғлайди. Агар... ўртоқ Ҳамидов? Во-во-во, сатирик бўлса, қаҳ-қаҳ уриб кулади. Бари қуруқ сафсата! Халқнинг бирон-бир ишини битказиб бермайди. Халқнинг кам-кўсти эса ачиб ётибди. Халққа ким амалий ёрдам беради? Биз! Демак, асл ёзувчи биз! Тўғри, ёзганларимизни китоб қилиб чиқармаймиз. Асарларимиз турли идораларда қолиб кетади. Лекин китоб қилиб чиқарамиз десак, чиқарамиз. Ана, сандиқда юзлаб шикоят асарларимиз нусхаси тахланиб ётибди. Иккинчи марта оғиздан аризабоз деган гап чиқарилмасин, ҳа!
— Тавба қилдим ака, тавба қилдим.
— Шундай бўлсин! Энди гапирилсин. Бошидан бошлансин.
— Шу, бир кечаси мендан бешбаттар ийиғи чиққан бир кал келди. Ёнида иккита шапка-да бор...
— Менга қаралсин, нима, дунёнинг иши кўп¬карими? Кал дейилмасин! Ўртоқ Фалончиев деб айтилсин! Шапканг ким? Милитсионер? Менга қарал¬син, шапка инсон эмас! Шапка — латта! Шапка— картон қоғоз! Шапкани жавобгарликка тортиб бўлмайди! Лейтенант Фалончиев, сержант Фалон¬чиев деб айтилсин!
— Хўп. Ой ҳамсоямиз Қулмат полвоннинг тераклари учига осилиб қолган-да...
— Уф-ф, мабодо шоир-поир эмасмисан? Бўлмаса нега ойдан, юлдуздан гапирасан? Ойдан пастга тушилсин! Ердан гапирилсин! Лирика сувга бориб айтилсин! Бизнинг ишимиз жиддий, халқ аҳами¬ятига молик иш! Судларда қатнашилганми? Йўқ? Унда, колхоз ҳисобот мажлисида каминанинг нутқ сўзлагани кўрилганми? Ана, камина мажлисда қандай гапирган бўлса, ана шундай гапирилсин!

Ботир миробнинг колхоз умумий мажлисида гапиришини ёдладим. Худди миробдай қўлларимни қорнимга қовуштирдим. Бошимни тик тутдим. Киприк қоқмадим. Дона-дона қилиб айтиб бердим.

Мироб олдимга қоғоз билан қалам қўйди.
— Энди қандай айтилган бўлса шундай ёзилсин. Нимага? Бешинчи синф? Маълумотинг мендан бир синф юқори бўлатуриб ёзолмайсанми? Ҳа, майли. Ўртоқ Ҳамидов, сиз ёзинг, бу киши қўл қўйиб беради.

Биродарлар, аризабозлардан Денов қолмади, Термиз қолмади, Тошкент қолмади. Идорама-идора чопди.

Аризабоз дегани ажабтовур эл бўлди. Бўлмаса, аризабозларнинг отини олмади. Аризабозларга ел-ю¬гур, деб, биров бир чақа бермади. Аризабозлар ўзлари ёнидан ўзлари чопди.

40

Бир сафаргисида мени-да эргаштириб жўнади.
— Бошингдан ўтган савдони ўз тилинг билан ўзинг айтиб берасан, — деди.
— Ўзи, қаерга бораяпмиз? — дедим.

Ботир мироб шаҳодат бармоғини лабига босди.
— Тиш-ш-ш! — деди.

Аризабозларга эргашдим. Душанбега йўл олдим. Йўлда автобус деразасидан икки марта қусдим.

Душанбедан Москвага учдим.

Умримда биринчи марта самолётда учдим. Қани, кўрайин, қани, самолёт деган улов қандайчикин экан, дедим.

Самолёт бир пасайди, бир кўтарилди. Юрагим товонимга тушиб кетгандай бўлди.

Кейин, жойида туриб қолди. Нағмаси кўп бўлди. Одамнинг юрагини ёрди. Улов бўлсанг, сидирға юр, уккағарнинг самолёти, дедим.

Самолётдан кўнглим қолди. Уловлиги йўқ экан, ҳа, демадим.

Самолёт деразасидан қараб ҳайрон бўлдим. Шундайгина остимизда пахта уюлиб ётибди! Самолёт тегайин-тегайин дейди.

Қабатимдаги Ҳамидов муаллимга юзландим.
— Эҳ-ҳе, пахтани қаранг, пахтани! — дедим.

Ҳамидов қаради. Кейин, кетига чалқайиб кулди. Телпагимни юлиб олди. Тақир калламга шапатилади! Калламга шапатилаб-шапатилаб кулди.

Калламни елкаларим орасига олдим. Кафтим билан бекитдим. Телпагимни тортиб олиб кийдим. Тағин деразадан қарадим. Ана энди билдим. Кўринаётган пахта эмас, оппоқ булутлар бўлди.

Москвада тушдим, аризабозлар кетидан эргаш¬дим.

Москвада нима кўп, машина кўп бўлди. Битта-да от бўлмади!

Автобусда юрдим-юрдим, бир жойга келдим. Йўл четида турдим, ўткинчи-кеткинчи маши¬наларга қўл кўтардим. Ғуж-ғуж машиналардан бирови-да тўхтамади. Кўтарабериб, қўлларим чарчади. Турабериб, оёқларим толди. Қорним қур-қур қилди. Тоқатим тоқ бўлди.

Шунда узун бир машина жиринг-жиринг этиб келаберди. Тезлаб келаяпти-да, деб бўлмайди, оҳисталаб келаяпти-да деб бўлмайди. Яқин келиб, янада оҳисталади. Фаросат қилдим, қўл кўтарсам, тўхтайдиган кўнгли бор.
— Ай, Ҳамидов муаллим, бу қандай машина бўлди? — дедим.
— Трамвай, — деди муаллим.
— Кўча юзида симёғочдай бўлиб турамизми? Ана шу трамвайни кира қиламиз! Харажати мендан! — дедим.

Ҳамидов муаллим кулди.
— Трамвай қиммат, — деди.
— Қиммат бўлса бўлар! Кетса, бир қўйнинг пули кетар! — дедим.
— Унда, ўзингиз кира қилинг.

Чопқиллаб бордим. Трамвай олдини олдим. Ўнг қўлимни бошим узра кўтардим.
— Ай, трамвай, остановка! — дедим.

Трамвай жиринг-жиринг этиб оёқ илди. Трам¬вайчи деразадан қаради. Менга ияк қоқди. Ҳа, нима дейсан, деган бўлди.

Мен ўнг қўлимни олға сермадим.
— Тўғрига! — дедим. — Айтган пулингни берамиз! — дедим.

Трамвайчи бош-адоғимга қаради-қаради-да, бош ирғади. Майли, деган бўлди. Бошмолдоғи билан трамвай эшигига ишора берди.
— Айда! — деди.

Шунда эшик тарақ этиб очилди. Мен лип этиб трамвайга миниб олдим. Кетимдан аризабозлар минди.

Аризабозларга ҳаволаниб-ҳаволаниб қарадим.
— Ана, бир оғиз гап! — дедим.
— Ҳа, кучингдан, Зиёдулла кал! — деди Ботир мироб.

Трамвай бир юрди, бир тўхтади. Чайқалиб-чайқалиб хийла юрди.

Бир жойда Ҳамидов муаллим:
— Ҳозир тушамиз! — деди.

Биринчи бўлиб мен тушдим. Трамвай кира қилиш¬га қилдим, энди кира ҳақини тўлайин, дея қўйнимни ковладим.

Шунда Ботир мироб:
— Мен тўладим, — деди.
— Ҳа-а, бинойи, — дедим.

Шу, Ботир мироб кўпга тушиб кетдиёв. Тўрт одамга кира ҳақи тўлашнинг ўзи бўладими. Тушса тушар! Нима, миробга мени эргаштириб кел, дедимми! Эргаштириб келдими, тўласин-да!

Аризабозлар катта бир идорага кириб кетди. Мен остонадаги қоровул олдида қолдим. Аризабозлар ўр¬гатган гапларни ичимда бот-бот қайтариб ўтирдим.

Ниҳоят, аризабозлар чиқиб келди. Катталар мени йўқламабди. Аризабозлар гапига ишонибди. Яхши бўлибди. Тағин катталар салобати босиб, дудуқланиб қоламанми, дея қўрқиб эдим.

41

Эртаси куни Душанбега учдим. Ўтирганлар шаҳодат бармоғини ликиллатиб, ўртада лайлакқушдай лўкиллаб юрган қизни имлади. Қиз уларга майда идишда сув олиб келди.

Менинг бошқалардан қаерим кам? Каллам кал бўлган билан, телпакнинг остида кўринмайди.

Дадил бўлдим, ўзимни бир синаб кўрмоқчи бўлдим. Шаҳодат бармоғимни ликиллатиб, қизни имладим. Сув, дея оғзимни кўрсатдим. Қиз бош ирғади, сув олиб келди. Сувни бир ютишда йўқотдим. Бошқалардай бош ирғадим.
— Ўлманг! — дедим. — Катта қиз бўлинг.

Кўкрагимни кердим, бақалоғимни шишириб ўтирдим.

Ойнадан пастга қарадим. Паст ўзимизнинг Вах¬шиворсойга келбат бериб кетди. Қатор-қатор уйларни кўрдим. Майда-майда қораларни кўрдим. Ҳамидов муаллимга, шу бизнинг қўйлармикин, дегим келди. Тағин калламга шапатилашидан қўрқдим. Гапимни ичимга ютдим.

Самолёт Душанбеда гурс этиб тушди.

42

Таксида қишлоққа келдим.

Мен қаерга бориб келдим? Одамлар буни биладими? Ана шуни одамларга билдиргим келди. Қаерга бордим, қаерда бўлдим, барини айтиб, мақтангим келди. Уйга бормадим. Катта кўчада оҳиста-оҳиста вазмин-вазмин қадамлар босиб юрдим. Одамларга қуюқ-қуюқ саломлар бердим. Дуч келган одам билан қалин-қалин сўрашдим. Қозон-тобоғигача қолдирмай сўрадим.

Эл оғзига маҳтал бўлиб қарадим. Эл, кўринмай кетдингиз, Зиёдулла чавандоз, дея сўрамади!

Кўчани тағин бир айланиб келдим. Эл ақалли, камнамосиз, Зиёдулла кал, демади! Уч кун-а, уч кун қишлоқда бўлмадим! Яхшими-ёмонми, шу элнинг молини боқаяпман. Одамнинг қад¬риям шундай бўладими. Қадримга куйдим. Ай, қадрим-а, бечора қадрим-а!

Элдан хафа бўлиб, уйга келдим. Чой ичиб, ёнбошладим. Ўнгимга ағдарилдим — бўлмади, чапимга ағдарилдим — тағин бўлмади! Тарс ёрилиб кетгудай бўлдим!

Москвада йўл-йўлакай бир килоча қанд-қурс олиб эдим. Бола-чақа қўлимга қарайди, дедим-да.

Ана шундан бир сиқимини қўйнимга солдим. Тарлонни миниб, Мамат ошнамизникига йўл олдим. Девордан бўйлаб овоз бердим.
— Мамат! Мамат уйдами, келин? Уйғот, гап бор! — дедим.

Мамат ичкаридан уйқули кўзларини уқалаб-уқалаб келди.

Мен, теваракдаги ҳамсоя-қўллар эшитсин учун, овозимни қўйиб гапирдим:
— Яхшимисан, димоғинг чоғми? Ма, мана¬ви қандни невараларимга бўлиб бер, есин! Мозор босиб келган-да, табаррук!
— Қаерлардан сўраймиз?
— Москва!!!
— «Москва» колхозими?
— Колхоз? Қандай колхоз? Сен ўзи, мени ким деб ўйлаяпсан? Мен унча-мунча жойларга бормайман! Борсам, фақат Москва шаҳри азимларга бораман, ҳа! Фақат Москва!!. Жуда паст кетсам, Душанбеларга шунчаки, йўл-йўлакай оёқ илиб ўтаман! Менга қара, кун қиём вақти-қиём вақти уйингнинг устидан бир самолёт учиб ўтдими? Қанотларида парраги-да бор?

Мамат сергак тортди. Осмонга бир қараб олди.
— Учиб ўтгандай бўлди, нима эди?
— Ўлма! Мен сенга бир нарса айтайинми? Шу самолётнинг ичида мен бор эдим!
— Ҳа, кучингдан!
— Ўнг ёғида ўтириб учдим! Парракнинг шундай ёнида, ҳа!
— Во уккағар, Гагарин бўл-эй!
— Ким? Эб-эй, Гагарининг ким бўпти! Осмонга лип этиб учган-да, қайтиб тушган. Мен тўрт ош пиширимдан-да кўп учдим!
— Эҳ-э-э! Ёрил-э, баччағар-э, ёрил-э!
— Кўриб турибсан, чакана одам эмасман! Энди мен билан ўйлаб гапириш!
— Бўлди, бўлди, тараф йўқ.
— Яна бир гап. Самолёт осмонда варракка ўхшаган билан майда эмас экан, ҳа! Ичи Обширнинг камаридай келади!
— Кир уйга, чой ичамиз.
— Йўқ, ишим зарил. Шундай ўтаётиб, бир ҳол-аҳвол сўрашиб кетайин дедим...

Жиловни бўшатдим. Тарлон йўл олди.

Биродарлар, пардай енгил бўлдим!

43

Биродарлар, Москвадан одам келибди. Шляпаси бор эмиш!

Шляпали одам раён катталарини йиғибди. Кал каттани ўртага олибди. Ана шунда масала ойдин бўлибди.

Ойдин бўлишича, ҳукумат, ҳамма ўз имко¬ниятига яраша гўшт топширсин, дебди. Буйруқ раёнга келибди. Раён катталари кал каттани бизга вакил этиб юборибди.

Кал катта бир зина юқори ўсмоқчи бўлибди. Ўсиш учун гўшт топширишдан фойдаланмоқчи бўлибди. Қайси йўл билан бўлса-да, гўшт топширишни муддатидан олдин, ошириб бажариб, катталарга яхши кўринмоқчи бўлибди, елкасига қоқтирмоқчи бўлибди. Шу йўл билан кўзлаган амалига минмоқчи бўлибди.

Биродарлар, бир калнинг ҳийласи — қирқ кишини чарчатади!

Кал катта ўз ниятига элни талаб эришмоқчи бўлибди, элни хўрлаб эришмоқчи бўлибди.

Шляпали катта кал каттани уришиб-уришиб, амалидан олибди. Партиядан ўчирмоқчи бўлибди.

Шунда, кал катта ҳўнг-ҳўнг йиғлаб қўя берибди. Шафқат қилибди.
— Эркак одамнинг йиғлагани — ўлгани, — дебди.

Биродарлар, ҳақ сақласа бало йўқ, ҳақ қарғаса даво йўқ!

Айни кунларда кал катта чойхонада ёнбошлаб ётар эмиш.
— Ҳақиқат йўқ, бу дунёда ҳақиқат йўқ... — дер эмиш.

Биродарлар, ўзинг яхши — олам яхши, ўзинг ёмон — олам ёмон!

Чойнагидаги чойи оқ эмиш! Ўзи қуйиб, ўзи ичар эмиш.

Элга эрмак, халққа шалоқ эмиш!

44

Биродарлар, шукур-шукур, аризабозларнинг борига шукур!

Аризабозлар ноҳақликка йўл қўймайди. Ҳаром-томоқларга кун бермайди. Элнинг ҳақини бировга едирмайди.

Аризабозлар бўлмаса, катталар биз авом элни бозорда сотиб ейди! Аризабозлар бўлмаса, катталар биз авом эл оғзидаги ошни юлиб олади!

Аризабозларга меҳрим тушиб қолди!

Бозор оқшоми барча аризабозларни уйимга айтиб келдим. Боқиб ётган бир қўйимни сўйиб бердим.

45

Қишлоқ тағин отларга тўлди.

Чавандозлар отларини бойловга ташлади.

Тарлонни-да бойлаб боқдим.

46

Қарлуқда тўй бўлди.

Шу тўйга йўл олдим. Йўлда Тарлон тезак ташлаб-ташлаб борди. Ажабо, бундайчикин қилиғи йўқ эди...

Бир муаллимникига тушдим. Қозиқни молхона ёнига қоқдим.

Тарлон қулоқлари шалпайди. Боши эгилди. Девор кавагига мунис термилиб қолди. Ем емади. Иримига лабини-да тегизмади.

Кўнглим ҳадиксиради. Томоғимдан туз ўтмади. Тарлондан кўз узмадим.

Узанги йўлдошларим-да оромини йўқотди. Қарлуқда отни зўр биладиган бир синчи чол бўлди. Ана шу чолни айтиб келди.

Чол Тарлонни айланиб кўрди. Энкайиб, кўзларига қараб кўрди. Ўзича, бош ирғади. Кейин, тирсагимдан ушлади. Мени меҳмонхонага эргаштириб борди. Елкамга қўлини қўйди.
— Менга қара, эл чавандози, — деди. — Шу отни менга сотмайсанми? Йигирма қўй бераман. Гапнинг эркагини айт.

Зардам қайнади. Мен нима ғамда-ю, чол нима ғамда!
— Бова, — дедим, — эрта биров айтган экан, мен ўз ғамим билан, мулла менинг... деб! Ўзи нима гап, аввал айтинг-да!

Чол мужмалтоб бўлди.
— Сен бўларини айт, эл чавандози. Кейин мен айтаман, — деди.
— Йўқ! Қиёматда-да сотмайман! Бўлдими?
— Ҳа, майли. Унда эшит, эл чавандози. Отинг, зўр от. Кўргандан беш кетдим. Адашмасам, яқинда оғир бир дардни бошидан кечирган дейман-ов!

Тарлон камарда ўн кун оч ётди, ана шу ха¬ёлимдан ўтди. Аммо чолга сир бермадим.
— Ҳа, дардга чалиниб эди. Кейин, фориғ бўлиб эди.

Чол маҳобат қилди.
— Бали, эл чавандози, — деди. — От ҳозир шуни эслаяпти, эртага бўладиган кўпкарини ўйлаяпти. Дарддан аввалгидай чополаманми, йўқми, деган ғам отни ўйга солаяпти. Мен буни кўзларидан билдим. Мениям айтди дерсан, эл чавандози.

Чол кетди.

Мен бемаҳалгача гурунглашиб ўтирдим. Тарлоннинг қайғуси кўнглимдан кўтарилмади. Қайғу юзимга-да урди шекилли, уй хўжаси кўнглимни кўтарди.
— Кўп қайғура берманг, чол синчи, билонғич, — деди. Кейин, чол кимлигини айтиб берди.

Эмишки, отлар бир йилда бир марта кавш қайтаради. От кавш қайтарганда ёнади! Баданлари товланади, кўзни қамаштиради! Айниқса, кўзлари порлаб ёнади! От — дев-да! От кавш қайтариши ҳориқулодда* ерда, ҳориқулодда вақтда кечади. Кўз очиб, кўз юмгунча бўлиб ўтади! От кавш қайтаришини кўрган одам, ё телбанамо бўлади, ё шўрпешона бўлади, ё бахтли, ё доно, ё нуктадон бўлади!

Эмишки, чол от кавш қайтарганини кўрган эмиш...

47

Кўпкари экинсиз қисирпояда бўлди.

Мен Тарлонни қизитдим. Қисирпояни айлантириб чопдим. Тарлон хиёл ўзгарди. Бошини тик тутди, дирк-дирк ўйнади. Сувлиғини шиқирлатиб-шиқирлатиб чайнади. Тарлон тўдага талпинди, Тарлон мени улоқ¬қа чорлади!

Айни қишнинг илк кўпкариси-да, от мўл йиғилди.

Демак, кўпкари яхши бўлади. Боиси, оз отли кўпкарида ердан улоқ олиш мушкул бўлади. Сабаби, бари от ўзини зўр деб билади. Оқибат, ёппасига улоққа ёпишади. Талашиб-тортишади. Улоқни на ўзи олади, на бировга беради. Бир-бирига халақит беради, бир-бирига зиён беради. талашиб ёта беради.

От мўл бўлса, аксинча бўлади. Бунда зўрлар зўри, отлар оти улоққа талпинади. Бундайроқ отлар тўда четида томошагўй бўлади. Борди-ю, улоқ¬қа интилса, тўдадаги ўзр отлар йўл бермайди, кетига суриб юборади.

Шу боисдан мўл отли кўпкарида тўдадан улоқ олиб чиқиш осон бўлади.

48

Улоқ келди.

Тарлонни гижинглатиб-гижинглатиб бордим. Улоқни искатиб-искатиб олдим. Улоқ бутидан кўтариб-кўтариб кўрдим. Улоқ бир тана бўлди. Эллик-олтмиш килолар келди. Улоқ жиққа ҳўл бўлди. Боиси, кечаси билан сувга пишиб қўйилган бўлди. Бунинг нафи — улоқ зилдай оғир бўлди. Ана энди торта-тортда улоқ териси айрилмайди, бўлак-бўлак бўлиб кетмайди. Бўлмаса, торта-торта улоқ бутун қолади- ми?

Баковул зотларни айтди:
— Бир жуфт калиш, ўн сўм пули бор! Ол!

Тўда улоққа талпинди. Улоқни бир жийрон олиб чиқиб кетди.

Кейинги зот қўйилди:
— Бунисида бир қўй, бир тўн, ўн сўм пули бор! Зот каттарди, армонда қолма!

Тарлонни улоққа солдим. Тарлон пишқириб-пишқириб қимтинади. Улоққа мен ўйлаган, мен хоҳлагандан-да вақтлироқ, осонроқ борди. Одатича улоқни бир айланди. Улоқ бошида оёқ илди.

Бир чавандоз Тарлон ўктамлигидан ғашланди. Тарлон сағрисига қамчи урди.

Тарлон бир сесканди. Лекин жойидан қимирламади. Икки кўзи улоқда бўлди.

Мен улоққа тескари ёқдаги товонимни узангидан олмай, эгар корсонига илдирдим. Улоқ тараф узангидаги оёғимни букдим. Тиззамни Тарлон биқинига босдим.

Тарлон менга кифт берди, кифт!

Мен энкайдим, улоқни бир қўллаб ушладим. Қоматимни кўтараётиб, букилган оёғимни узан¬гига тик тирадим. Бор қийинчилик, шу оёғимга тушди. Бусиз улоқни кўтариб бўлмайди.

Шунда, бир муғамбир от улоқни туёқлари билан босиб қолди.

Мен тағин улоқ бутидан ушладим. Тағин от тиззаси баравар кўтардим.

Тарлон улоққа қараб-қараб олға юрди.

Улоқни атайин ерда судраб бордим. Бирдан кўтарсам бўлмайди, пойлаб турганлар ёпишади.
— Улоқ кўтарилаяпти, улоқ кўтарилаяпти!

Сағал очиққа келдим. Улоқни даст кўтаришга шайландим.
— Улоқ Тарлонда кетаяпти, Тарлонда!

Улоқни зарб билан кўтариб олдим. Кўтараётганимда Тарлон созлаб бир силкинди. Мадад берди, кўтаришиб юборди!

Тарлон билан олға чопдим. Отлар кейинда қолиб кетди. Аммо бир тўриқ қолмади. Чавандози улоқ бутидан ушлаб, биз билан баравар чопди.
— Йўқ, улоқ Тарлон билан Тўриқда кетаяпти! Улоқ Тарлон билан Тўриқда!

Улоқни тақимимга босиб олдим. Ёнимга чал¬қай¬дим. Жиловни қўйиб юбордим. Улоқни қўш¬қўллаб ушлаб олдим.

Кўп отлар аввал-аввал аста-аста чопади. Кейин-кейин тезлаб чопади.

Бизнинг Тарлон бўлса турган жойидан забт олади. Биринчи қадамиданоқ шиддат билан, бирдан отилиб чопади. Ўзга отлар бундайин забтли шиддатга ҳозирланмаган бўлади. Оқибат, ўзга отлар ўзларини ўнглаб олгунларича, Тарлон ўзиб кетади. Ҳозир-да шундай бўлди.

Тарлонда яна бир фазилат бор. Борди-ю, бирор бир от етиб олса, Тарлон шу от билан баравар чопади. Ўзиб-да кетмайди, кейин-да қолиб-да кетмайди. Гўё, охирги ҳоли шундай, бир меъёрда чопади. Қабатидаги от шу меъёрга кўникади. Баравар чопиб бораётгани билан қаноатланади. Шунда, Тарлон бирдан забт олади, шиддат олади! Бундай бўлишини хаёлига-да келтирмаган қабатидаги от кейинда қолиб кетади.

Айни шу вазиятда чопаяпмиз! Мендан Тарлон учун бир сўз кифоя бўлди.
— Ҳа-а!

Тарлон, тарлонлигини қилди, ҳориқулодда юлқинди, забтини бирдан оширди.

Қабатида келаётган тўриқ чавандознинг қўли улоқдан узилди. Тўриқ кейинда қолиб кетди.

Мен жўшиб кетдим:
— Ҳу-у-уй, ҳу-у-уй, ҳу-у-уй!..

Тарлон юлдуз учгандай чопди!
— Ҳало-о-ол. Тарлонники ҳалол! Ташла, Тарлон, ташла!

Эллик-олтмиш килолик улоқни ердан қандай қилиб кўтариб олдим? Белим баробар деворда ўтириб, эллик кило юкни ердан бир қўллаб кўтариб ололмайман. Эллик кило юкни қўшқўллаб кўтариб, отга ку¬чана-кучана ортаман. Кўпкарида бўлса, отда энкайиб, эллик кило улоқни бир қўллаб кўтариб оламан! Бунинг сири нимада?

Биродарлар, отнинг шамоли бор! Улоқни ана шу шамол олиб кетади! Эътибор этган бўлсангиз, от улоқ¬дан кўз узмади! От менга кифт берди! Атайин, мен учун қулайлик яратди! Улоқни кўтараётга¬нимда эса, елкасига юк олаётган одамдайин бир силкинди! Ана шунда мен улоқни ерга ташлаб юбормасам бўлди, бировга бериб юбормасам бўлди. Чавандозлигимни қилсам бўлди! От — отли¬гини қилади!

Билаяпсиз, кўпкарининг саксон-тўқсон фоизи от бўйнида бўлаяпти. Шу боисдан-да кўпкарида чавандоз эмас, от номи айтилади! Кўпкари бошидан-адоғигача от номи жаранглайди! От номи шарафланади! От номи улуғланади!

Тарлон эллик-олтмиш килолик улоқ билан, яна тағин мен билан қандай қилиб чопди? Атайин, отга олтмиш кило буғдой ортиб олдим, дейин. Яна тағин, ўзим-да миниб олдим, дейин. Ана шундан кейин от ана шундай шиддат билан чополадими? Чополмайди! Улоққа келганда эса, қуюндай учади!

Биродарлар, улоқнинг ҳавоси бор! Отга ана шу ҳаво қувват беради, қанот беради!

Тарлон ғайрат қилди. Яна икки марта улоқ айирдим.

Шунда, ғуж одамлар орасидан кимдир биров овоз берди.
— Тарлон, буёққа бир қаранг! — деди.

Бордим, овоз берган кечаги чол бўлди. Чол кафтини қошига қўйиб қаради. Бошини ирғаб-ирғаб қаради. Кулимсиб-кулимсиб қаради.
— Энди қандайсиз, эл чавандози? — деди.
— Қуллуқ, қуллуқ.
— Энди менга қаранг, эл чавандози, отга дам беринг, ҳа. Бўлмаса, кўзиктириб қўясиз...

Тарлон ҳалоллаган тўнлар билан пулларни чолга узатдим.
— Олмайман, йўқ, олмайман!.. — деди чол.

Қўярда-қўймай бердим. Кейин, жабдуқлар тарафга юрдим.

49

Биродарлар, ҳамсоямиз Қулмат полвон бозорлаб келди. Майиз сотиб келди.

Деворимиздан авайлаб бўйладим. Нарх-навони сўрадим.
— Қани, полвон, — дедим, — майиз қанчадан бўлди?

Полвон қўлларини кўкси баробар қилди. Кафтларини катта-катта очди. Ўнта бармоғини ёйиб кўрсатди. Оғзини тўлдириб:
— Ўн сўм! — деди.
— Йўғ-э?
— Чиним, ўн сўмдан бўлди. Майизингиз бўл¬са, армонда қолманг!

Майиз бизда бор-да! Олти унхалта! Саратондай сариқ майиз!

Қўчқордай-қўчқордай ўғилларим бор! Катта бўлса отнинг Тарлонини минаман деяпти! Майизни шуларнинг тўйига босиб ётибман! Бу қиш кучим етмайди, келаси қишда катта тўй бераман! Насиб бўлса!

Шанба оқшоми омбордан бир халта майиз суд¬раб чиқдим. Супадаги гиламга ёйдим. Ғалвирда элаб-элаб, чангдан покиза этдим.

Субҳи содиқда Тарлон билан бозорладим.

Қизилсувга дохил бўлдим. Дарёдан кечиб ўтиб, юқориладим.

Мол бозори олдида тевараги сим билан ўралган ер бўлади. Бозорлаб келувчилар от-уловларини ана шу ерга боғлаб қўяди. Тарлонни-да шу ерга боғлаб қўйдим.

Майизимни орқалаб, бозор ораладим.

Димоғим манти ҳидини туйди.

Букилиб-букилиб юрдим.
— Пўшт-пўшт! — деб юрдим.

Бозорчилар қаторидан жой олдим. Майиз халтамни очдим. Майизимни мақтаб-мақтаб ўтирдим. Ўн сўмдан пастга тушмадим!

Чипор гулстукли бир одам майизимни кафтига олиб кўрди. Салмоқлаб-салмоқлаб кўрди.
— Сал тушинг, деҳқонсиз-ку! — деди.
— Нима, деҳқон майизни кўчадан топиб оладими? — дедим.
— Ток тугган ноз-неъматни ўн сўм деб ўтирибсиз-а!
— Ноз-неъмат дегани деҳқоннинг пешона тери дегани!
— Кўп миннат қилманг! Шусиз ҳам ой битсаям, кун битсаям, деҳқонга битиб ётибди!
— Битади-да! Уст-бошларингдан тортиб, еган-ичганларинггача деҳқоннинг пешона теридан келаяпти! Идорада ўтириб қоғоз қоралаганларинг билан осмондан ейдиган, ё, киядиган бирор нима тушмайди! Деҳқон топганининг тўқсон фоизини сизларга жўнатиб, қолган ўн фоизинигина ўзи ейди!..

Чипор галстукли одам ундай деса, бундай дедим, бундай деса, ундай дедим. Ишқилиб, галстуклидан қолишмадим!

Биродарлар, сочим бўлмаса-да тароғим тиллодан!

Қарадим-қарадим, савдонинг маъқули бўлмади.
— Бор-э, етти сўмдан бўлди! — деб юбордим.

Шу заҳотиёқ бир майизжаллоб диконглаб келди. Кўтарасавдо қилиб олиб кетди.

Халтамни тиззамга уриб қоқдим. Буклаб-буклаб қўлтиғимга қисдим.

Бозор оралаб, бозорлик қилдим. Ноз-неъматлар олдим. Жийдага бошқоронғи аёлимизга Хоразм жийдаси олдим. Ўғилларимизга хўрозқанд, қоғо¬зида кучуги бор қанд, тешиккулча олдим. Барини халтамга солиб, чойхонага йўл олдим.

50

Остонадан ичкари мўраладим.

Чойхона тўла одам бўлди.

Чойхона ҳавоси дим бўлди. Нафасим қайтиб кетди.

Ташқари сўриларда-да одам мўл бўлди. Бировлаб санаса юзлар бўлди.

Халтамни сўри устунига суяб қўйдим. Бўш жой изладим. Бир одам туриб кетди, жойи бўшаб қолди. Халтамни олдим. Яқинимдаги одамга:
— Сўраганларга бу жой эгалик денг, — дедим.

Чой билан кулча олиб келдим. Кўчанинг нариги юзида бир сермўйлов одам катта қозонда балиқ қовурди. Ана шу мўйловдан икки кило балиқ олиб келдим.

Чордона қуриб, балиқ туширдим. Балиқ серқилтиқ бўлди, хўп хуноб қилди.

Шунда, бурчак сўрида иккита милитсионер пайдо бўлди.

Оғзимдаги оғзимда, бўғзимдаги бўғзимда қолди. Кўнглим айниди, иштаҳам бузилди.

Кўрмайин-да, куймайин-да, дедим. Чаппа бурилиб ўтириб олдим. Тағин, ўшалар бўлса-я, дея ҳадиксирадим. Кўз қирим билан қараб-қараб олдим. Йўқ, улар эмас, бошқалар бўлди.

51

Шу вақт, бозор дарвозаси тарафдан овозлар келди.
— Ушла, ўғрини, ушла! — деди овозлар.

Ғуж-ғуж одамлар орасидан бир бола чопиб чиқди. Кетидан бир беқасам чопонлик одам қувиб келди.

Бола кўчани кесиб чопди. Юқоридан келаётган қизил машинага бел бўлди. Машина «шиғғ» этиб, тойиб келиб тўхтади. Бола ўзини йўлнинг бериги бетига отди. Қоп-қора сувли ариққа шалоплаб тушди. Лой бўлмаган ери қолмади.

Қувиб келаётган одам машина кетидан ўтди. Боланинг лой ёқасидан жуфтлаб ушлади. Бола типирчилади, аммо беқасам чопонлик чангалидан чиқолмади. Беқасам чопонлик, боланинг оёқларига қўшиб, қоқиб, ерга юмалатди.
— Пулни чиқар! Қани пул?! — деди беқасам чопнлик.
— Мен эмас! — деди бола.
— Сен! Қўлингни киссамда ушладим-ку! Яхшиликча чиқар, бўлмаса энангни Учқўр¬ғондан кўрсатаман!
— Мен эмас деяпман-ку!
— Унда ўзим топаман! Торт қўлингни! Манави киссангни кўрсат!

Йўлдан ўткинчи-кеткинчилар оёқ илди. Чой¬хонадагилар бориб қаради. Тумонат одам бўлди.

Мен сўрида тик туриб қарадим.

Беқасам чопонлик боланинг киссасини ковлади. Қўйнига қўлини тиқди. Қўйнидан бир даста пул олди. Боланинг тумшуғига олиб борди.
— Бу нима, энангнинг қалиними? — деди.

Бола бошини елкалари ичига олди. Юзини лой кафтлари билан пана қилди.

Беқасам чопонлик боланинг қулоқ-чаккасига қулочкашлаб солди. Бола балчиқ сувга шалоп этиб тушди.

Беқасам чопонлик боланинг ёқасидан жуфтлаб ушлади. Сувнинг оқишига қараб судради.
— Сенга киссавурлик қилишни кўрсатиб қўя¬ман! Юр мелисага!

Бола оёқларини тиради, гавдасини орқасига ташлади.

Шу вақт, оломон орасидан иккита новча бўз¬бола суғурилиб келди. Икковининг-да сочлари елкасида бўлди. Уст-бошлари баданларига чиппа ёпи¬шиб турди. Ботинкалари товони от туёғидай-от туёғидай қалин-қалин бўлди.

Бўзболалар беқасам чопонлик кетидан келди. Бир бўзбола беқасам чопонлик тирсагидан ушлади. Беқасам чопонлик, болани қўйиб юборди. Кетига қайрилиб қаради. Шунда, бўзбола беқасам чопонлик иягига қулочкашлаб бир урди.

Беқасам чопонлик зуваласи пишиқлардан бўлди. Кетига гандираклаб-гандираклаб борди. Аммо йиқилмади.

Оломон ҳайбаракаллачи бўлди:
— Ур! Сол, тумшуғига!
— Ур! Мушт турганда муомала нима керак!

Беқасам чопонлик бир бўзболани қўшқўллаб бир урди. Бўзбола чалпак бўлиб тушди.

Омон турган бўзбола беқасам чопонлик кетидан келди. Биқинига созлаб бир тепди.

Беқасам чопонлик энкайди. Биқинини ушлаб-ушлаб, энкайиб қолди.

Оломон ҳайбаракаллачи бўлди:
— Ур! Калла қил, калла!

Шунда, майдагина бир қора кучук вангиллаб-вангиллаб чопиб келди. Келди-ю, беқасам чопонликни ураётган бўзбола бутига ёпишди. Бўзбола кучукка оёғини сермади.

Кучук кетидан сермўйлов балиқпаз чопқиллаб келди. Кучугини уришиб-уришиб, олдига солиб ҳайдаб кетди.

Чалпак бўлиб йиқилган бўзбола жойидан сапчиб турди. Беқасам чопонликни тепа кетди. Лойга белангани-да қўшилиб тепди. Бўзболалар кўзларига қарамай тепди. Беқасам чопонлик юзлари буришди. Бир ичини, бир биқинини ушлади. Кейин, ерга чўк тушди.

Мен олазарак бўлдим. Теварак-атрофимга алангладим. Бурчакда ўтирган милитсионерларга қарадим.
— Ай, анавиларни орача қилинглар-ай! —дедим.

Милитсионерлар парвойи фалак бўлди. Беғам-беғам чой ичди. Бошларини сарак-сарак этди.
— Бизга алоқаси йўқ! — деди.
— Бу ер бошқа бировнинг участкаси! Бизнинг участкамиз винзавод тарафда! — деди.

Оломон якун ясади:
— Тамом, нокдаун!

Йўқ, тамом бўлмади.

Беқасам чопонлик чўккалаб ўтирди-ўтирди-да, бирдан сапчиб турди. Биқинига тепган бўзбола юзига калла қилди.

Бўзбола юзларини кафтлари билан ёпди. Хиёл энкайди. Бармоқлари орасидан қон сизиб чиқди.

Шунда, бирови кафтига бир қора нима қўйди. Шу қора нима билан беқасам чопонликнинг пе¬шонасига қулочкашлаб бир урди.

Беқасам чопонлик:
— Воҳ, ўлдим-а! — дея бақирди. Пешонасини ушлади. Талтанглади, гандираклади. Ана йиқиламан, мана йиқиламан деди.

Калла еган бўзбола турган жойида сапчиб, беқасам чопонликнинг кўкрагига тепди.

Беқасам чопонлик баргдай учиб тушди. Қўлларини ёнларига ёйиб, қимирламай қолди.

Бўзболалар беқасам чопонликни ўртага олиб тепди. Оёқлари остига олиб тепди. Кўзларига қарамай тепди.

Биродарлар, эзилиб кетдим, ич-ичимдан эзилиб кетдим! Жоним ҳалқумимга келди!

Алам ҳам армон билан бурчакка қарадим. Йўқ, милитсионер йўқ. Теварак-атрофга алангла¬дим. Милитсионерлар олдинма-кейин бўлиб, чойхона ёналаб писиб-писиб кетаяпти.

Қаҳр билан, нафрат билан сўридан таппа ташладим. Беқасам чопонлик билан бўзболаларни орача қилайин, дедим. Оломонни қулочларим билан ёриб, ўртага кириб бордим.

Бир бўзболани билагидан қўшқўллаб ушладим. Кетига сермаб юбордим. Бир бўзболани сочларидан ғижимлаб ушладим. Сочларидан четга тортдим.
— Имонинг куйгурлар! Бир мўмин бандани ўлдирасанми! — дедим. Сочларини ғижимлаб тургандим, юлқинди. Бўлмади. Тағин юлқинди. Яна бўлмади. Кейин, чотларим орасига ўхшатиб бир тепди.

Биродарлар, орачига — олти таёқ!

Эсанкираб қолдим, довдираб қолдим. Жон ширин-да! Жон аччиғида қўлим юзаси билан бўзбола кўзларини оралатиб бир солдим.

Бўзбола чинқириб юборди.

Шу вақт, машина овози эшитилди. Катта кўчадан беморхона машинаси келди.

Оломон ўзини четга олди. Кўча юзида тўп бўлди.

Машинада ўтирган оқ кийимлик одам кўзойнагини устидан қаради. Сулайиб ётган беқасам чопонликни кўрди.
— Нима бўлди бунга? — деди.

Хўрлигим келиб... йиғлаб юбордим...
— Бечорани қаранг... Улар учов бўлса, бу бечора биров бўлса! — дедим.
— Тушунарли! Дам олиш куни деб, ўзидан кетиб қолмай, камроқ ичсин!
— Буни олиб кетинг, биродар, ўлиб қолади...
— Бизнинг заказимиз бор! Бошқа «Скорий помош» чақиринглар! Кетдик, ҳайданг!

Беморхона машинаси шундай олдимдан ўтиб кетди. Кетидан қараб қолдим. Кейин, қонига беланиб ётган беқасам чопонликка қарадим. Қарадим-қарадим...

Биродарлар, ўпкам тўлиб келди. Тўлиб-тўлиб келди... Енгларимга йиғладим, чопонимнинг ёқаларига йиғладим, ўнгирларимга йиғладим...

Оломонга алангладим.
— Ай, биродарлар, бир бечора инсон шундай ўлиб кета берса яхшими? Уйида бола-бақраси бордир! — дедим.

Биров овоз берди:
— Танишингиз бўлса, олиб кетинг! — деди.

Шундай кўча юзида турган майдагина ма¬шина хўжасига эландим. Бир амаллаб кўндирдим.

Беқасам чопонликни елкасидан судраб келдим. Қучоқлаб кўтариб, машинага солдим. Ерда шалвираб қолган оёқларини ичкари олдим. Ўзим қабатида ўтирдим. Бир қўлим билан билагидан ушлаб олдим.

Биров энди келиб, шу ердагилардан сўради:
— Нима бўлди-а, нима бўлди? — деди.
— Зўр томоша бўлди! Уччаласи биттасини шунақанги солди! Пақ-пақ! Нокдаун!

52

Беқасам чопонликни беморхонага олиб жўнадим.

Беморхона беқасам чопонликни олмади. Оппоқ кийимлик бир аёл:
— Бу судебний иш! — деди.

Милитсияга сим қоқди.

Бир милитсионер келиб, беқасам чопонликни айлан¬¬¬тириб кўрди. Суратга туширди. Дафтар тўл¬дирди.

Кейин, мени сўроқ қилди. Зот-маконимни сў¬ради. Ўзимни айтиб бердим. Милитсионер ёзиб олди. Ундан кейин, нима бўлди, деб сўради. Мен оқизмай-томизмай айтиб турдим. Милитсионер ёзиб борди.
— Ҳозирча бўшсиз, кейинчалик участка¬войингиз орқали чақирамиз! — деди.

Машина хўжасига уч сўм узатдим. У олмади.
— Қуллуқ, қуллуқ! — деб кетди.

53

Чойхонага қайтиб бордим. Бозорлик халтамни қарадим. Йўқ. Сўри остини қарадим. Йўқ, бозорлик халтам йўқ.

Чойхоначидан сўраб-суриштирдим.
— Мабодо, бизнинг халтамизга кўзингиз тушмадими? — дедим.
— Йўғ-а, кўзим тушмади-я!— деди чой¬хо¬начи. — Шунга кўзим тушмади-я! Қандай, беқасам чопонлик ошнагинангиз қандай?
— Бир бало қилиб жойлаштириб келдик...
— Ия-ия...

Чойхоначи анграйиб қолди. Юзлари бўзарди. Қўлларини этагига артди. Фотиҳа ўқимоқчидай, кафтларини ҳозирлай бошлади.
— Бандачилик қилдими-а, — деди. — Вой, бечора-э, вой, бечора-э...
— Йўғ-э, беморхонага жойлаштириб келдик, деяпман.
— Э, ҳа-а, шундай денг...

Бозор оралаб, бошқатдан бозорлик қилдим. Барини белбоғимга тугиб олдим.

Тарлонимиз олдига бордим. Тугунимни эгар қошига илиб олдим. Дарвоза олдида ўтирган чолга бир сўм узатдим. Ўзимга ўзим оқ фотиҳа бердим. Отланиб, бозордан қайтдим.

Биродарлар, осмондан тушгандай бўлиб қолдим, дунёни энди кўраётгандай бўлиб қолдим...

54

Во дариғо, шундай кунлар-да бўлади!

Босган қадамимиз кетимизга кетади. Жамики ишларимиз чаппасига юради. Омад деганлари саломини-да бермайди. Оғзимиздаги ошимизни-да олдириб қўямиз.

Биродарлар, насиб этса, келар Шом-у Ироқдан, насиб йитса, кетар қош-у қабоқдан!

Хуррам солиқчининг кўпкарисида шундай бўлди. Тўдага киролмадим, кирсам, улоқни ололмадим. Борди-ю олсам, биров ё қўлимдан юлиб кетди, ё ерга тушиб кетди. Тақимимдаги улоқ¬ларни-да олдириб қўйдим.

Биродарлар, давлат-да эгиз-эгиз, меҳнат-да эгиз-эгиз!

Тарлон мендан ҳайрон бўлди, мен Тарлондан ҳайрон бўлдим.

Ундай қилдим бўлмади, бундай қилдим, бўлма¬ди. Пуф сассиқ, дея кетиб қолмоқчи бўлмадим. Яна тағин шайтонга ҳай бердим. Элан-қаран келдим, энди кетмайин, дедим.

Тарлонни қамчилаб-қамчилаб тўдага солдим.

Отлар ғиж-ғиж бўлди. Осмондан телпак ташласа ерга тушмади.

Тўдани ёриб, улоққа келдим. Улоққа ҳар алвонда узалдим. Қўлим етмади. Яна-да узалгани, отлар қўймади.

Қуюқ чангда кўриб турдим, бир қўл улоқни ушлади. Шунда, Тарлон улоқни ўнг туёғи билан таппа босиб қолди. Тарлон буни илкисдан қилмади. Йўқ, билиб-кўриб қилди. Улоқни бергиси келмади!

Улоққа ҳавойиларча ёпиша бериш Тарлонимиз жонига тегди. Тарлон улоққа ташна бўлди!

Мен қамчи сопидан тишладим. Тарлон қоп¬қоғига шапатиладим. Тарлон бошини сарак-сарак этди. Теварагидаги отлар бошини ўзидан холислатди. Ўзига кенглик яратди, эркинлик яратди.

Кейин, Тарлон олд тиззаларини букди. Улоқ олдида чўк тушди! Тарлон улоқ олдида чўккалади!

Қуюқ чангда кўзларимни аранг очдим. Тарлон кўкраги олдида ётган улоқни қўшқўллаб ушладим. Панжаларимни ботириб ушладим.

Тарлон кўз қири билан қараб турди. Барини кўриб турди, билиб турди. Улоқни маҳкамлаб ушлаганимга амин бўлди.

Шундан кейин, бир силкиниб, тиззаларидан турди. Сонсиз отлар пойлаб турган олдига эмас, йўқ, кетига тисарилди. Кетига тис бўлиб, тўдадан суғурилди. Очиқликка чиқиб олиб, бирдан олдига бурилди. Жойидан зарб билан учди, елдай учди! Кўрганлар кўриб қолди, кўрмаганлар армонда қолди!

Тарлон қоралик чуқурчани ёнлаб келди. Улоқни тақимимдан ташлаб юбордим. Қўлларимни кўтариб чопиб кетдим.

Аммо баковул овозидан дарак бўлмади. Ҳайрон бўлдим.

Қоралик жойга қайтиб келдим. Чуқурчага қараб... тарс этказиб тиззамга урдим. Улоқ чуқур ичига эмас... лабига тушибди!

Аламимдан, аразлагим келди!

Барчага, инчунун, баковулга эшиттириб айтдим:
— Биз кетдик! Бизга қачон ҳақ берилиб эди-да, энди берилади! — дедим ўзимча, кўпкарига қўл силтаб жўнадим. Тарлонни тарс-тарс қамчиладим.
— Кетдик, Тарлон, кетдик, одамлар биз сағир¬ларга қайишмайди! — дедим.

Тўдадан олислаб бордим. Тарлонни тағин тарс-тарс қамчиладим.
— Кетдик, Тарлон, кетдик, бизнинг калламиз кал! Биз калларга ҳақ йўқ! — дедим.

Кетимга қайрилиб қарадим. Узанги йўлдошларим йўлдан қайирар, дея умидландим. Тарлонни имиллатдим. Тағин ўгирилиб қарадим. Изимдан биров-да келмади!

Деворда тизилиб ўтирган томошагўйларни ёнлаб юрдим. Бирови йўлдан қайирар, дея ўйладим. Шунча одам олдидан ўтдим, қани энди бировгинаси миқ этса! Ақалли, йўл бўлсин, Зиёдулла чавандоз демади! Шулар ҳам одам бўлди-ю! Суф-э!..

Энди томошагўйлардан аразладим!
— Кўр бўлиб кўпкарини томоша қилиб ўтира беринглар, мен уйга бориб, маза қилиб ётаман, — дея пичирладим.

Қишлоққа олиб борадиган йўлдан юрдим. Йўлни кесиб ўтадиган ариқ бўйида оёқ илдим.

Тарлон сувга талпинди. Сув ичирмадим. Шокирқулнинг томидан чиқиб турган дастак учига боғладим.

Уст-бошларимни қоқдим. Юзларимни ювдим. Қўшҳовучлаб-қўшҳовучлаб сув ичдим. Энти¬киб-энтикиб сувга термулдим.

Шунда, ариқ бўйида сувга куча ботириб еб ўтирган болага кўзим тушди. Эътибор бериб қарадим. иштони ҳўл.
— Кимнинг ули бўласан? — дедим.
— Отамнинг.
— Отанг ким?
— Шокирқул.
— Ҳа-а, отинг нима? Карим? Ўлма! Бу, иштон ҳўл-ку, Каримбой?
— Энам тўйда.
— Ҳа-а, ўзим киёлмайман денг. Биздан сўрасангиз, Каримбой, биз кўпкаридан қайтдик, ҳа! Кўпкарида адолат қолмади, Каримбой. Бари ошна-оғайнигарчилик бўлиб кетди!
— Кўпкари тамом бўлдими?
— Йўқ, ҳали бўлаяпти.
— Унда, боринг-да.

Мен сергак бўлдим. Болага эътибор бериб қарадим.
— Бир нима дегандай бўлдингизми, Каримбой?
— Сув ичиб бўлдингиз-ку.
— Ҳа, сув ичиб бўлдим, Каримбой. Энди нима қил дейсиз, Каримбой?
— Кўпкарига боринг.
— Борсам деган эдим, Каримбой. Бизга ҳақ йўқ!
— Бормасангиз адо бўлади.
— Кўп қўймадингиз-қўймадингиз-да, Карим¬бой. Борсам-борайин, садқайи суханингиз.

Тарлонни ечиб, тағин отландим.
— Каримбой, сизнинг сўзингиздан ўтолмай қайтаяпман. Бўлмаса қайтмас эдим, — дедим.

Қайтишимда томошагўйларни қоралаб юрдим. Томошагўйларга хўмрайиб-хўмрайиб қарадим.
— Сенлар ҳам одам бўлдинг-у, ана, ҳақиқий одам Каримбой экан, — дея пичирладим.

Тўда четига бориб турдим. Баковул менга ажабланиб қаради. Билдим.

Баковул менга қараб-қараб қўйди. Кейин, ёнида турган чавандозга бир нима деди.
— Итга ўхшаб, ўзи кетиб, ўзи келди. — Билдим, шундай деди. Бошқалар-да шундай деди.

Энди, мен нима десам экан?

Каримбой қайтарди десам, қайси Каримбой десалар-а? Шокирқулнинг иштони ҳўл ўғли дейманми? Ҳа йўғ-э... суриштириб бораяптими. Борди-ю, суриштирсалар, Карим муаллим, дейман...

Самад чавандоз узанги йўлдошимга айтдим, барча-барчага эшиттириб айтдим:
— Йўлда Каримбой жиловни ушлади! Қайтинг-чи қайтинг, деб қўймади! Одамнинг юзи иссиқ-да, юзидан ўтолмадим!..

55

Отар адирда ёйилиб ўтлади.

Тўдалагунимча кеч бўлди. Уйга қош қорайганда келдим.

Участка милитсионеримиз бир парча қоғоз ташлаб кетибди. Аёлимизга қайта-қайта тайинлабди.
— Эртага соат ўнда органда бўлсин, — дебди. Шеригимизникига бориб узримни айтдим.
— Эртага қўйни сен боқ, зарил ишим чиқиб қолди, бирор кун қайтарарман, — дедим.

Саҳар-мардонда Тарлон билан шаҳар жўнадим.

Эшик олдида ўтирган милитсионерга қўйнимдаги қоғозни олиб кўрсатдим. Милитсионер мени эшиги ғилофли хонага киритиб борди.

Тўрда ўтирган йигит ўрнидан турди.
— Келинг, келинг, — деди.

Мен билан қўл бериб кўришди. Ўзини капитан Рўзиев, деди.

Капитан катта бахмал пардани тушириб қўйди, кўрсатди. Мен капитан катта кўрсатган жойга ўтирдим.
— Хўш, фамилиянгиз Қурбонов-а? Нега кечикиб юрибсиз, ака? Соат ўн икки бўлди-ю? — деди капитан катта.
— Мен сизга айтсам, капитан катта, Тарлоннинг оёғига қарадим.
— Хўш, Тарлонингиз ким?
— Бизнинг отимиз-да, капитан катта.
— Хўш, ҳали отда келдингизми? Шунча техника туриб-а!
— Эса-чи, капитан катта. Техника бизга бўлмайди, капитан катта. Бензин исини хуш кўрмайман, капитан катта.
— Хўш, бандитларни излаяпмиз, ака. Шубҳали типларни жабрланувчига юзма-юз қилдик. Булар эмас, деди. Сиз эса келмадингиз. Энди бошқа кун чақирамиз.

Тарлон билан қишлоққа қайтдим.

56

Кечқурун телевизорга қараб ўтириб эдим, Рихсиев келди. Болишни буклаб ёнбошлади, дамини узун олди.
— Радиоузел орқали ўқиган докладимни эшитдингизми, ўртоқ Қурбонов? — деди.
— Йўқ, қачон ўқидингиз?
— Ана холос, ҳозиргина ўқидим-ку. Йигирма минут, қирқ секунд!
— Мен телевизорга қараб қолибман. Нима деб ўқидингиз?
— Халқаро аҳвол хусусида!
— Ҳа-а, оламда нима гап экан?
— Аҳа, халқаро аҳвол чатоқ, ўртоқ Қурбонов, жуда чатоқ. Вазият тобора кескинлашиб бораяпти. НАТО мамлакатлари Европада қанотли ракета жойлаштираяпти. Салвадорда қонли жанг бўлаяпти, Никарагуада вазият тобора мураккаблашаяпти, Фаластин халқининг аҳволи аянчли. Аҳа, ҳаммасига АҚШ империалистлари айбдор, ўртоқ Қурбонов. Империализм провокатсия билан шуғулланаяпти. Аҳа, масалан, АҚШ империалистлари Полша дав¬латида диверсия-провакатсия ташкил қилди. Халқни мафкуравий заҳарлади, аҳа. Полшада сотсиалистик жамиятни қўпориб ташламоқчи бўлди. Лекин империалистларнинг ёвуз планлари фош бўлди. Полша Бирлашган Ишчи партияси сотсиализмни ҳимоя қилди...

Гапнинг бировига-да тушунмадим. Телевизорга қараб, ҳа-ҳа, деб ўтирдим.

57

Икки кун деганда участка милитсонеримиз тағин қоғоз олиб келди.

Тарлон билан азонда йўл олдим. Бу сафар Тарлонни қичаб ҳайдадим. Вақтида етиб келдим.

Капитан катта тўртта бўзболнани рўпара қилди.
— Йўқ, булар эмас эди, — дедим. — Уларнинг сочи узун-узун эди, — дедим. Капитан катта кулди.
— Хўш, эслай олмайсизми, ака, уларнинг юзида бирон жароҳат изи йўқмиди?
— Эса-чи, капитан катта. Изиям гапми, яра¬нинг ўзи бор эди, капитан катта.
— Хўш, қанақа жароҳат?
— Икковининг юзидан қон оқди. Беқасам чопонлик калла қилиб эди-да.
— Э-э-э, шуни эртароқ айтмайсизми, ака. Ана бу бошқа гап!
— Кейин, бир майдароғининг уст-боши лой бўлди, капитан катта.

Капитан катта ёза-ёза, бош чайқаб кулди. Нимага кулди — фаросатим етмади.
— Хўш, айтинг-чи, ака, шу воқеани кўрганлардан ақалли биронтасини танийсизми?
— Мен сизга айтсам, капитан катта, лоф бўлсада, юздан ошиқ одам бор эди. Қайси бирини танийман. Ҳатто иккита мелиса-да бор эди.
— Ким-ким? Мелиса? Хўш, формадами?
— Эса-чи, капитан катта. Мелисалар шундай бурчакда ўтириб чой ичди.
— Хўш, улар шу воқеани кўрдими?
— Эса-чи, капитан катта. Барини кўриб турди, капитан катта.
— хўш-хўш!

Капитан катта темир сандиғидан бир қалин қоғоз олиб ёйди. Ичи тўла ғиж-ғиж сурат бўлди.
— Қаранг-чи, ака, шунинг ичида сиз кўрган мелисалар борми.

Суратларга бармоғимни югуртириб қарадим. Охири, кўрганларимдан бировини танидим. Пешона¬сига бармоғимни нуқиб турдим.
— Ҳайла, анави! — дедим.

Капитан катта энкайиб қараб, бош ирғади. Суратларни тахлаб, яна сандиғига солди. Таш¬қарилаб қайтди.
— Хўш, сиз, ака, мана бу хонага кириб туринг. Ўзим чақираман.

Ён хонага кириб ўтирдим. Хона эшиксиз бўлди.

Капитан катта бахмал пардани тушириб қўйди. Ўзи, ўз хонасида қолди.

Хиёлдан кейин капитан катта олдига биров кириб келди. Капитан катта ундан сўради.
— Хўш, сиз йигирма тўртинчи январ якшанба куни соат ўн иккиларда қаерда эдингиз? — деди.
— Қайси январ, бу йилги январми? Участкада эдим, — деди келган одам.
— Хўш, аниқроқ айтинг!
— Винзавод атрофини назорат қилиб юрган эдим!
— Хўш, демак, заводда?
— Ҳа, заводда!
— Хўш, шу куни чойхона олдида бўлган воқеадан хабарингиз бўлмадими?
— Қанақа воқеадан?
— Ўша ерда бўлган тўполондан?
— Ўлимдан хабарим бор, бундан хабарим йўқ!
— Хўш, буёққа бир қаранг, Қурбонов ака!

Капитан катта олдига қайтиб чиқдим. Келган одам худди ўша милитсионерларнинг бирови бўлди. У мени кўрди-ю, ранги оқариб жўнади. Капитан катта мени кўрсатиб сўради:
— Шу одамни бирон марта кўрганмисиз?

Милитсионер менга тикилиб турди-турди-да, елкасини қисди.
— Эслаёлмаяпман, — деди.

Кулгим келди. Балки танир, дея чойхонани эслатдим. Милитсионер шипга қараб ўйлаб-ўйлаб, кўрсаткич бармоғини чаккасига нуқиди.
— Э, ҳа! Бўлди, бўлди! Энди эсладим. Ўша ердан участкамга ўтиб кетаётган эдим. Кўчада одамлар тўпланиб турган экан. Бирон нима сота¬ётган бўлса керак, деб ўйладим.
— Эб-эй, икковимиз гапиришдик-ку, иним! Мен сизга...
— Мен билан-а? Бекорни айтибсиз! Туҳмат! Соқолингиз бор, оғзингизга қараб гапиринг! Сиз мени бошқа одамга адаштираяпсиз!

Капитан катта бахмал пардани тушириб қўйди.
— Ана, бўлмаганман деяпти-ку? — деди.

Мен ёқамни ушладим.
— Ё тавба, ё тавба! — дедим.
— Хўш, яна бирон кишини эслай олмайсизми, ака?
— Эса-чи, капитан катта. Шу гапларни чой¬хоначи-да кўрди.
— Чойхоначи? Яна?
— Кейин, балиқпаз-да билади.
— Хўш чойхоначи, балиқпаз... Бугунча бўлди, ака, қолганини бошқа кун гаплашамиз.

58

Эндиги қоғоз келишида бормадим.

Боиси, Доно момо бандалик қилди. Жанозасига бордим. Момони ўраб-чирмаб, йиғлаб-йиғлаб қўйиб келдим.

Уйда азали кайфиятда ёнбошлаб ётиб эдим, Рихсиев келиб қолди.
— Аҳай, чой қўйинглар! — дедим аёлимизга.
— Кайфиятингиз йўқ, ўртоқ Қурбонов? — деди Рихсиев.
— Доно момони қўйиб келдик, — дедим.
— Қаёққа қўйиб келдингиз?

Шунда, Рихсиев жанозада бўлмаганини билдим.
— Доно момо оламдан ўтди, шуни айтаяп¬ман,— дедим.
— Аҳа, дафн қилдик денг. Қўйиб келдик де¬ганингизга бирор нимани қўйиб келибдими дебман.

Юзимни ўгириб, кўзларимни юмдим. Ўзимни босолмадим. Тағин ўнг бўлдим.

Кўнглимга қай бир гаплар келди. Гап келганда гапирмаса, шу гап ўлдим, деб кетади. Шу боис, умримда биринчи марта Рихсиевга оқсоқолчилик қилишга журъат этдим:
— Рихсиев ака, — дедим, — сиз ўқиган одамсиз, оламдаги бор гапни биласиз. Сизга ўргатиб бўл¬майди. Ҳеч қачон элдан қолманг, ака. Хусусан икки вақт элнинг ёнида бўлинг. Бири — тўйида. Элнинг тўйини белингизни беш жойидан бойлаб хизмат қилиб, ўйнаб-кулиб, хуш-хушвақт ўтказиб беринг. Тўй кўпники, ҳа. Яна бири — азасида. Йиғлаб-сиқтаб элнинг қайғусига ҳамдард бўлинг. Ўлим қайғусини бир одам кўтаролмайди. Оғирлик қилади. Шунда сиз ёнида бўлиб, қайғусига шерик бўлинг. Одам ана шу икки вақтда одамлигини билдиради.
— Мен ундай момони танимайман, у ким?
— Ўзимиздай одам. Фақиргина бир момо эди. Умри колхозда ишлаб ўтди. Қариган чоғида ма¬газинда қоровул бўлди. На қизи бор, на ули бор эди. Бечораҳол момо эди. Йиғлайдиганлари-да бўл¬мади. Ўзимиз момомлаб, холамлаб йиғлаб жўнатдик. Эл кўмди...
— Аҳа, қулоғимга бир чалингандай бўлди. Мактабга дарсга кетаётган эдим, кимдир, биров ўлибди, деди. Эътибор бермабман.
— Ана шу-да. Шу сабабли-да жанозада одам тахчил бўлди. Кўнглим ярим бўлиб қайтдим. Одамзотнинг қадри энди шу бўлдими, дедим. Рихсиев ака, бир кун келиб биз ҳам кетамиз. Ўлим баримизнинг бошимизда бор савдо. Шундай кунда бир-бировимизнинг кунимизга ярамасак, одам бўлиб нима қилиб юрибмиз...

Рихсиев гапимни оғзи билан эшитди.
— Ҳамманинг бориши шартми, ўртоқ Қур¬бонов, — деди. — Қариндош-уруғидан тўрт киши борса бўлди-да. Тобутнинг тўрт ёғочидан ушлаб кўтариб боради. Тўрт кишидан ортиғи ортиқлик қилади. Аҳа, хўп, олти киши ҳам бўлсин. Иккитаси гўр қазиб туради.
— Рихсиев ака, одам ит бўлса экан, оёғидан судраб олиб бориб, чуқурга ташлаб кела берса. Одам ўз номи ўзи билан одам. Одамдан улуғ жонзот борми...

Рихсиев гапимни оғзи билан эшитди.
— Ҳа, энди, бир кампир экан-да. Бор-йўғи қоровул! — деди. — Халқаро аҳамиятга, ақалли маҳаллий аҳамиятга молик шахс бўлса экан, билагимизга қора лента тақиб фахрий қоровулликда турсак! Мотам тутсак, нутқ сўзласак!
— Рихсиев ака, одамнинг катта-кичиги бўлмайди. Бариям одам. Бир одам яхшими-ёмонми бир умр яшади. Қўлидан келганча тирикчилик қилиб, ўзини одам санаб юрди. Биз билан бетма-бет бўлди, елкама-элка бўлди, даврма-давр бўлди. Энди қайтмас бўлиб кетаяпти. Одам қайтмас бўлиб кетаётганда бормаган одам одамми...

Рихсиев гапимни оғзи билан эшитди.
— Кампирларнинг ўлими маҳаллий гап, ўртоқ Қурбонов, — деди. — Эътиборга молик эмас. Ана, халқаро аренада қанчадан қандай трагедиялар содир бўлмоқда. Эрон шоҳи Паҳлавий яширин буйруқ бериб, бир кинотеатрни ёқиб юборибди. Ичида беш юз инсон бор экан. Аҳа, трагедия деб буни айтади! Даҳшат! Мен Эрон халқига чуқур таъзия билдираман. Мен халқаро аҳволдан ташвишдаман, ўртоқ Қурбонов, қаттиқ ташвишдаман! Халқаро вазият кун сайин кескинлашиб бор¬моқда...

59

Эртаси эрталаб участка милитсионеримиз келди.

Салом йўқ, алик йўқ, остонада туриб сиёсат қилди:
— Совет органи сизга ўйинчоқми? — деди.
— Эб-эй, биз нима қилдик? — дедим.
— Нега чақирган вақтда бормайсиз?

Зардам қайнаб кетди:
— Боргим келмади! Аёлимиз билан кинога бордик! Бўлдими? — дедим.
— Машинага чиқинг!!

Ҳайрон бўлиб, девордан бўйладим. Эб-э-эб-э! Дарвозамиз олдида милитсия машинаси турибди! Сап-сариқ!

Кўнглим, «шиғғ» этди. Этларим увишди. Ичимда нимадир бир нима ўпирилиб тушди.
— Участковой биродар, — дедим, — бу ишинг бўлмайди! Машинангни тез эшикдан ол!
— Нима, машинани елкангизда кўтариб юрибсизми?
— Биродар, ҳеч банданинг эшигига дўхтир¬нинг машинаси билан мелисанинг машинаси келгулик қилмасин! Тез кет, биров кўрмасин!
— Бўлинг, бўлинг, фалсафа сотманг!

Милитсионер тумшуғи остига тиқилиб бордим. Юз-кўзларига ўқрайиб-ўқрайиб қарадим. Милитсио¬нер нияти қатъий бўлди.

Ўқрайиб турдим-турдим, кейин, чопоним ёқа¬ларини очдим. Милитсионерга кўкрагимни тутдим.
— Мана, отиб ташла! Лекинг мелисанинг машинасига чиқмайман! Жуда зарил бўлса, автобусда бораман! — дедим.
— Унда, тез изимиздан етиб боринг!

Тағин, милитсия машинасини биров-ярим кўриб қолган бўлса-я, деган ҳадикдан девордан кўча¬га қарадим. Бовужуд, кўчада одам бўлмади.

60

Автобусда раён жўнадим. Йўлда деразадан қусиб-қусиб бордим.

Ўша ғилофли эшикни очдим. Капитан каттага Доно момони айтиб бердим. Капитан катта бош ирғаб, ҳамдардлик билдирди.

Хонага бир милитсионер кириб келди. Капитан катта олдига борди.
— Айримлар, Фурқат кўчасида турадиган Мўминдан кўраяпти, ўртоқ капитан, — деди.
— Хўш, қаерда экан, бу бола?
— Кўринмаяпти. Билдирмай, ҳамсояларидан суриштирдим. Уйида юзларига дори суртиб ётган эмиш.
— Унда, ҳозирча кўз-қулоқ бўлиб туринг, ҳидланмасин. Мен айтганда олиб келасиз. Ҳозир бориб бозорнинг оғзидаги чойхоначи билан балиқпазни олиб келинг.

Хиёл ўтиб, милитсионер қайтиб келди.
— Олиб келдим, ўртоқ капитан, кирсинми? — деди.
— Олиб киринг.

Остонада чойхоначи билан балиқпаз кўринди. Чойхоначи эгилиб салом берди.

Капитан катта қалами учини чойхоначига ниш қилди.
— Аввал сиз киринг. Сиз эса коридорда ўтириб туринг, — деди.

Чойхоначи қўллари кўксида гиламдан юриб келди. Капитан катта билан кўришмоқчи бўлди.

Аммо капитан катта қоғоздан бошини кўтармади. Қалами учи билан чойхоначига жой кўр¬сатди.

Чойхоначи довдираб, қаламни қўшқўллаб ушлаб олишга бир баҳя қолди. Қўлларини тез тортиб олиб, қалам учи тарафга ўтирди. Менга рўпара бўлди. Мен билан бош ирғаб сўрашди.

Капитан катта бир даста қоғознинг уёғига қаради, буёғига қаради. Кейин, чойхоначига юзланди. Чойхоначининг кимлигини ёзиб олди.
— Хўш, энди бизга чойхонангизда бўлган урушни гапириб беринг, Сатторов ака, — деди.
— Уруш? Қанақа уруш?
— Йигирма тўртинчи январ, якшанба куни бўлган урушни.
— Қанақа уруш? Туш маҳали? Э, ҳа-а, бўлди, бўлди! Бу бизнинг чойхонада эмас, кўчада бўлган, капитан ука.
— Ишқилиб, чойхонангиз олдида бўлган-да.
— Энди, капитан ука, бозор куни одам кўп бўлади. Қўлим қўлимга тегмайди. Ҳатто қулоғим эшитмайди...
— Хўш, оддий чойхона шовқини билан ур-тўполон шовқинининг фарқига борарсиз?
— Бормайман, капитан ука, бормайман. Ҳамма гап шунда! Мана шу қулоқларим ости «ғувв-ғувв» этади. Ким гапираяпти, нимани гапираяпти, фарқига бормайман. Сизга ёлғон, менга чин. Манави бармоқларим билан санаб айтаман: овозларнинг ичида чолникиям бор — бир! Ёшникиям бор — икки! Момоникиям бор — уч! Қизникиям бор — тўрт! Чақалоқникиям бор — беш! Хў-ўш, бешта бўлдими? Энди бошқалар¬ниям санаймиз. Булардан бошқа кўчадан ўта¬ётган «Жигули»никиям бор — бир! Бозордан қайтган сигирникиям бор — икки...
— Бўлди, бўлди. Сиз менга кўрган воқеангизни гапириб беринг!
— Ия, эшитмагандан кейин қандай қилиб кўраман, капитан ука?
— Кўзингиз бор-ку, ана-ку.
— Тўғри, кўзим бор. Яратганнинг ўзи бизгаям кўз берган, кўриб турибсиз. Лекин биласизми, капитан ука, чойхонамизнинг бир пиёла чойи насиб этганда кўзингиз тушгандир, самовар чойхонанинг ичида, ҳа! Майдагина туйнуги бор. Мана шунча! Шу туйникдан чой бераман. Туйнук кўкрагим баравар келади. Мана шундай энкайиб қарамасам, ташқарини кўрмайман. Эгила бериб-эгила бериб, белларим оғриб кетди, капитан ука.
— Хўш, шу воқеадан сал бўлсаям хаба¬рингиз бордир?
— Бор, капитан ука, бор. Бир эгилиб қараб, кўча юзида одамлар тўдалашиб турганини кўрдим. Бошқа ҳеч нимани кўрмадим.
— Бўпти, боринг. Зарил бўлса, яна чақирамиз. Ҳамроҳингизга айтинг, кирсин.

Чойхоначи қўллари кўксида капитан каттага бош ирғади. Гўё биров қувиб келаётгандай пилдираб, эшикка қараб юрди.

Балиқпаз кириб келди.

Капитан катта балиқпазнинг-да кимлигини ёзиб олди.

Балиқпаз ёйилиб ўтириши, эшитамиз, дегандай капитан каттага қошларини чимириб қарашидан димоғдор, кўпни кўрган одам бўлди.

Биродарлар, мен шу одамдан умид қилдим!
— Хўш, энди сиздан эшитамиз, Шукуров ака?

Балиқпаз пинагини-да бузмади. Мижжасини-да қоқмади.
— Нимани эшитасиз? — деди.
— Хў-ў-ўш...
— Эшитдим, участкавой айтди. Мен ҳеч нимани кўрганим йўқ. Шу! Ёзиб беришим ҳам мумкин. Шу! Кетсам майлими? Уёғда иш қолиб кетаяпти. Шу!
— Гап энди бошланди, шошилманг. Ўрнингизга одам қўйиб келгандирсиз.
— Ўғлим қолди. У ҳали ёш, хўрандаларни ранжитиб қўйиши мумкин. Шу!
— Хўш, кўп шушуламанг! Гапга жавоб беринг! Бир инсон тақдири ҳал бўлаяпти! Тушун¬дингизми?
— Сиз ҳам мансаб столингиздан фойдаланиб, халққа бақирманг! Шу!
— Мен халққа эмас, сизга гапираяпман!
— Халқ бир кишидан бошланади! Шу! Мен халқнинг бир бўғиниман, шундай экан, менга кўп бақирманг! Шу!
— Бақираётганим йўқ, гапираяпман.
— Бақиряпсиз! Шу!
— Хўш, ана бақирмадик. Ўзи бугун чап ёғингиз билан турганга ўхшайсиз, Шукуров ака. Боринг, сизга рухсат, яна чақирамиз.
— Ихтиёрингиз! Барибир, шу гапим гап! Шу!

Балиқпаз ғўдайиб чиқиб кетди.

Капитан катта менга-да жавоб берди.
— Яна келасиз, — деди.
— Капитан катта, уйда ишларим қўқиб ётибди. Буёғи кўпкарилардан қолиб кетаяпман. Бошим¬ни қашигани фурсатим йўқ...
— Хўш, мен нима қилай, ака? Бу ишга ўзи гувоҳнинг кераги йўқ, ана медитсина хулосаси бор. Сизлар фақат жиноятчиларни аниқлашга ёрдам берсаларингиз бўлди. Ҳалиги балиқпаз билан чой¬хоначи жиноятчиларни танийди. Уларнинг гапини эса эшитдингиз...

61

Йўл четидан юрдим. Шу гап бўлган ердан ўтдим.

Бир маҳал оқ халатлик бир одам йўлимни тўсди. Бу ўша балиқпаз бўлди. Балиқпаз тирсагимдан ушлаб, мени балиқхонасига етаклади. Қозондан холисроқ бир жойга ўтирғизди. Тиззамга кафтини қўйиб сўради:
— Мени сиз чақдингизми, ака?
— Чаққаним йўқ.
— Чақибсиз-да! Шу! Чақиш бундан зиёд бўладими?
— Мен кўрганимни айтдим, биродар.
— Ака, чақиш — аёлнинг иши! Шу! Сиз бинойидай эркаксиз-ку! Кўрганимни айтдим, дейсиз. Нимани кўрдингиз? Хўш, қани?
— Энди, биродар, мен сизга айтсам, ўзингиздан ҳам ўтди-да. Кўриб туриб бормадингиз-а. Ит боши билан кучугингиз чопиб келди.
— Энди у — ит! Шу! Ўзи оти ўзи билан — ит! Бўлган-бўлмаганга аралашиб, ҳуриб ётади! Бўл¬маса, биров билан нима иши бор? Ўзини билиб ётмайдими? Ит — ит-да! Итлигига боради-да! Ахир, сиз билан биз одаммиз-ку, одам! Келиб-келиб, итга тенг бўлиб ўтирамизми! Итга тенг бўлмаслигимиз керак! Шу! Ўзи, қариндошингиз ажаб одам экан. Болалар уриб йиқитади, яна туради, яна йиқитади, яна гандираклаб туради.
— Нима қилсин бўлмаса?
— Ёта берсин! Шу! Уч йигитга ёлғиз ўзи бас келармиди! Мен бўлганимда биринчи мушт келиб тушдими, бўлди, ўзимни ерга таппа ташлар¬дим. Қайтиб жойимдан турмасдим! Шу! Турсам, барибир, яна уради-да! Улар кетгунча ўзимни беҳушликка олиб ётардим. Қарабсизки, бир мушт билан қутулиб қолардим! Бирон ерим ҳам шикаст емасди! Шу! Ана, оқибат, қариндошингиз чалажон бўлиб, касалхонага кетди! Шу! Ҳолидан хабар олиб турибсизми? Қалай энди?
— Борганим йўқ!
— Ия, нега?
— Мен уни танимасам, билмасам...
— Ия, ҳали танимайсизми?
— Эса-да.

Балиқпаз юзимга энкайиб қаради.

Гапим жиддийлигини билиб, тиззасига уриб кулди.
— Э, ака-э, ака-э! Афанди экансиз-ку!

Балиқпаз ёғоч панжара олдида ётган кучу¬гига қаради. Ўзича бошини чайқади. Тағин кулди.
— Э, ака-э, э, ака-э! Қариндошингиз бўл¬маса, ақалли танишингиз бўлмаса, сизга нима? Қип-қизил Афанди экансиз! Шу! Ё, ундан бирон нима ундирдингизми!
— Нима ундирардим, биродар...

Балиқпаз бармоқларини бир-бирига ишқаб кўр¬сатди.
— Пулми? Ундай деманг, биродар, ундай деманг...
— Бўлмаса нимага бунча куйиб-пишасиз? Э, ака-э! Афанди! Шу! Ҳали яна борасизми? Унда, бундай, ака, сиз мени кўрганингиз йўқ, мен сизни кўрганим йўқ. Агар яна чақсангиз, қаттиқ хафалашамиз! Шу!

Автобусга ўтирдим. Кўзим илиниб-илиниб кетди.

Биродарлар, бошим оғрияпти, бошим...

62

Назир жувозкаш кўпкарига Олмакўз байталини миниб келди.

Ўзиям, байтали Олмакўзмисан, Олмакўз бўлди-да! Кўзлари бўталоқ кўзларидай катта-катта, дум-думалоқ, олмадай-олмадай келади! Яна тағин, чуқур-чуқур, қоп-қора! Сағринлари энлик-энлик! Сағринлари лўмбиллайди, билиқ-билиқ этади!

Тарлонимиз кўзи ана шу Олмакўзга тушди! Тарлонимиз бир бошқа бўлиб қолди! Тарлонни улоққа солдим — Тарлон Олмакўз тарафга юрди. Жиловни тортдим — Тарлон Олмакўзга қараб талпинди. Тарлонни улоқчи от кетидан қўйдим — Тарлон Олмакўз тарафдан чопди! Нима қилишимни билмадим.

Назир жувозкашга айтгичимни айтдим:
— Ай биродар, шу байталингизни кўздан пана қилинг, барака топинг!

Чавандозлар ҳингир-ҳингир кулди. Шўхчан-шўхчан гаплар отди.

Назир жувозкаш кўпкаридан кетди.

Шукур қилиб, Тарлонни улоққа солдим. Тарлон тағин тайсаллади. Бўлмаса, кайфияти бинойидай бўлди.

Тоқатим тоқ бўлди. Зардам қайнади. Қамчи дастаси билан Тарлон бошига солдим.
— Падарингга лаънат, мана сенга, мана! — дедим.

Тарлон олд оёқларини кўтариб-кўтариб фалакка сапчиди. Бўғилиб-бўғилиб пишқирди. Олисларни айланиб чопди. Ғарқ терга ботди. Пешонасидан терлар оқди. Балиқ оғзидай каппа-каппа очилиб-ёпилаётган бурнига сизиб тушди.

Чоти аралаш қамчи солиб-солиб, тағин улоққа қўйдим. Тарлон тағин ўзини кейинига олди!

Бу сафар қамчи дастаси билан қулоқлари орасига урдим, юзларига урдим...
— Ҳали камми? Мана бўлмаса, мана! Ега¬нинг бурнингдан чиққур! — дедим.

Тарлондан эгар-абзалини, юганини шилиб олдим. Калласига бир урдим.
— Кет, ҳайвон, кет! Қазисан, қартасан, асли наслингга тортасан! Тортдинг, аслингга! Кет! — дедим.

Тарлон ёллари селкиллаб-селкиллаб қочиб қўя берди.

Биродарлар жаҳл келганда ақл кетади, деганлари шу-да!

Кўпкари охирини қарамадим. Эгар-абзалларни қўлтиқлаб, уйимизга жўнадим.

Аёлимиз алағда бўлиб, Тарлонни сўради.
— Сўрама аёл, сўрама, — дедим. — Термиздан артистлар келиб, клубда театр қўйгани эсингдами? Ўша театрда Алишер Навоий нима деб эди? Ҳайвонни қанча тарбия қилма, ит бўлади, эшак бўлади, асло одам бўлмайди, деб эди! Навоий ҳақ экан, аёл! Бекорга Навоий, Навоий, демас эканлар! Кўкайим қуриб от боқдим. Ўзим емадим, Тарлонга едирдим, ўзим ичмадим, Тарлонга ичирдим. Болалар ризқидан-да уриб, Тарлонга едирдим. Тарлон барибир одам бўлмади! Уриб-уриб ҳайдаб юбордим! Баҳридан ўтдим! Тарлон кўр бўлади, Тарлонни тузим кўр қилади...
— Бекор қилибсиз-да, кўп пуллик мол эди, — деди аёлимиз.
— Э-э, пули бошимдан садақа! Аёл зоти бошдан адоқ зарга ўралган билан, шойи-шомилага беланган билан, ўзи ёмон бўлса, ундай аёлнинг кимга кераги бор? ундай аёлни зари билан қўшиб, шойи-шомиласи билан қўшиб, уч талоқ қўймоқ лозим! От ҳам шу-да! Ёмон от — ёмон аёлдай гап! Эркакни эл орасида шарманда қилади! Мана, Тарлон юзлаб чавандозлар олдида юзимни ерга қаратди!

Шундай дейишга дедим. Ана, дедим. Аммо кўнглим туб-тубида нимадир... нимадир бир нима майда-майда ушоқ бўлиб-бўлиб кетди. Тарлон учун ич-ичимдан раҳмим келиб-келиб кетди...

63

Кечаси бир маҳалда катта дарвоза дўқ-дўқ этди.

Елкамга чопонимни ташлаб, ташқариладим.
— Ким у бемаҳалда келган? — дедим.

Ташқаридан овоз бўлмади. Дарвоза занжири шил¬дир-шилдир этди. Ошиқ-мошиғи ғийқ-ғийқ қилди.
— Ҳозир, мана ҳозир! — дедим.

Бориб, дарвоза тамбасини олдим. Занжирини ечдим. Дарвозани ланг очдим.
— Эб-эй-эб-эй!

Остонада ўзимизнинг Тарлон турибди! Бир ўзи!

Камбағал илтижоли пишқирди, камбағал тум¬шуғини чўзди, камбағал мўлтайиб қаради.

Нима дейишимни билмадим, нима қилишимни билмадим.
— Келибсан-да... Келмасанг, оқ бутум қора куярмиди... — дея тўнғилладим.

Тарлон билан гап қўшмадим. Юзига-да қарамадим. Юзимни тескари бурдим.
— Сен ҳам одам бўлдинг-у... — дея тўнғил¬ла¬дим.

Биродарлар, эшикдан келган одамни кет, деб бўладими? Бўлмайди, бўлмайди!

Шу боис, миқ этмадим. Гапсиз-сўзсиз ичкари юрдим.

Тарлон кетимдан эргашиб келди.

Бориб, отхона эшигини очиб турдим.

Тарлон мўмингина бўлиб келиб, отхонага кириб олди. Ичкари кириб олиб, пишқирди. Эндиги пиш¬қиришида кўнгли тўқлик бўлди.

Устидан занжирлаб келдим.

64

Эртаси эрталаб Назир жувозкаш келди. Девордан бўйлаб овоз берди.
— Зиёдулла чавандоз, берман бир қаранг! — деди. Бир-бир босиб бордим. Девордан қўл узатдим. Кўришиб-сўрашдим.

Назир жувозкаш бола-бақрани сўради, томи тошни сўради. Кейин, мол-ҳолга ўтди.
— Ҳа-а, — деди. — Бизнинг куёв қандай? Хўп дамлигинами?

Ўйлаб турдим-турдим. Назир жувозкаш нима деди, тушунмадим.
— Қандай куёв? — дедим.
— Қандай куёв бўларди, Тарлон куёвимиз-да.
— Э, ҳа, Тарлонми? Шукур, шукур.
— Ўзи, куёв келдими?
— Келди, ҳа, келди. Нима эди?
— Шундай, алағда бўлиб сўраяпман-да.

Назир жувозкаш бўлиб ўтмиш гапни бир бошидан айтиб берди.

Эмишки, бизнинг Тарлон ўша кетишида тўғри Назир жувозкашникига борибди. Дарвозадан киш¬наб-кишнаб кирибди.

Бу вақтда Назир жувозкаш Олмакўзини ялан¬ғочлаётган бўлибди. Тарлонни кўриб, ҳайрондан ҳайрон қолибди. Нима қилишини билмабди, нима дейи¬шини билмабди.

Назир жувозкаш нима-да қилади, нима-да дейди? Куёв ўз оёғи билан ўзи кириб келди. Эшикдан эгилиб келиб турган куёвга бир нима деб бўладими? Бўлмайди, бўлмайди!

Назир жувозкаш ўйлаб қолибди. Куёв-ку уялмади, куёв-ку, ор қилмади. Энди мен уялайин дебди, энди мен ор қилайин, дебди. Чапони ёқаси билан юзларини беркитибди, ерга қараб-қараб, уйига кириб кетибди.

Биродарлар, куёвни пайғамбарлар-да сийлаган! Аҳай-аҳай!

Мен деворга тирсакларим билан суяниб эшитдим. Бошимни сарак-сарак этиб эшитдим.

Тарлон Олмакўзга бўй бериб-бўй бериб бо¬рибди.

Олмакўз ҳурпайибди, қулоқларини диккайтирибди, ёлларини ҳурпайтирибди, думларини тикрайтирибди. Ң묬ғониб-тўлғониб кишнабди. Орқа оёқларини сер¬¬мабди. Тепиб юбораман-тепиб юбораман, дебди.

Тарлон бир сапчиб четланибди. Олмакўзни айланиб чопибди. Дирк-дирк ўйнабди. Олмакўз те¬ва¬рагида доира ясабди.

Тарлон Олмакўзга кифт бериб-кифт бериб борибди.

Олмакўз зинкийиб-зинкийиб пишқирибди. Тишла¬рини иржайтириб-иржайтириб ғижирлатибди. Тишлаб оламан-тишлаб оламан, дебди.

Тарлон эпчиллик билан четланибди. Олмакўзни айланиб чопибди. Дирк-дирк ўйнабди. Олмакўз теварагида доира ясабди.

Тарлон Олмакўз билан юзма-юз борибди. Юзларини юзларига теккизибди.

Олмакўз пишқириб-пишқириб, юзларини четга бурибди. Юзларини олиб қочибди.

Тарлон Олмакўзни айланиб чопибди. Дирк-дирк ўйнабди. Олмакўз теварагида доира ясабди.

Тарлон Олмакўз билан тумшуқма-тумшуқ келибди. Олмакўз билан тумшуқларини теккизиб-теккизиб искашибди. Пишқириб-пишқириб искашибди. Олмакўзининг оғзига пишқириб искашибди, бурнига пишқириб искашибди. Олмакўзга бир нималар дебди, бир нималар айтибди. Нималар дебди, нималар айтибди — унисини ёлғиз ўзи билибди, ёлғиз Олмакўз билибди...

Тарлон кўнгил берибди, Олмакўз кўнгил олибди! Аҳай-аҳай!

Охир-оқибат... Олмакўз дилдорлик берибди!..
— Йўғ-э? — дедим.
— Ҳа-да! — Энди қуда бўлдик, Зиёдулла чавандоз, қуда-қудағай бўлдик!
— Ҳазиллашманг-э, жувозкаш, ҳазиллаш¬манг-э!
— Беҳазил, қуда, беҳазил! Ўзиям қайлиқ ўйини¬мисан, қайлиқ ўйини бўлди-да... О-о-о!.. Куёвни нима бериб боққансиз, Зиёдулла чавандоз?

Бошимни чайқаб-чайқаб кулдим. Қўлимни силтаб-силтаб кулдим.
— Гапингиз қурсин-э, жувозкаш-э, гапингиз қурсин-э!
— Эбо-э, ана қайлиқ ўйини, мана қайлиқ ўйини... О-о-о!..

Юзларимни ушлаб-ушлаб кулдим, юзларимни беркитиб-беркитиб кулдим.
— Бўлди-э, жувозкаш-э, бўлди-э!
— Эбо-э... Қаранг-а! Эбо-э... қаранг-а!
— Астароғ-э, аёл эшитади-э!
— Эбо-э... Қаранг-а! Биз ҳам юрган эканмиз-да... О-о-о, ана мана!..
— Қандай-қандай?.. Бўлди-э, аёл эшитади-э!
— Сиз билан биз ҳам... юрган эканмиз-да, Зиёдулла чавандоз! О-о-о, ана... мана...!
— Астароқ дейман-э, аёл эшитади-э!
— О-о-о, ҳалолинг бўл-э, куёв-э, ҳалолинг бўл-э!..

Хандон-хандон отиб кулдим.
— Э, тавба-э, э, тавбангдан-э! Шўхлашманг-э, жувозкаш-э, шўхлашманг-э!
— Бешўхи, қуда, бешўхи! Ана куёв, мана куёв! О-о-о, ана... мана..!

Қаҳ-қаҳ уриб келдим.
— Бўлди-э... Бизнинг Тарлон шўх экан-да, а, шўх экан-да?
— Ҳа-да! Эгасига тортганми, билмайман! Мол эгасига ўхшайди, дейди-ку...

Кетимга чалқайиб-чалқайиб кулдим.
— Нима-нима? — дедим.
— Мол эгасига ўхшамаса, ҳаром бўлади...

Девордан буғдойдай кесак олиб, Назир жувозкашга отган бўлдим. Жувозкаш билаги билан бетини пана қилган бўлди.
— Астароғ-э, аёл эшитади, астароғ-э! — дедим. Кафтларимни кафтларимга қарс-қарс уриб кулдим.
— Бизнинг Тарлон шўх эканми-а, шунчалик шўх эканми? Ай, Тарлон-э, ай, Тарлони тушмагур-эй! Қўлларимни бир-бирига ишқаб-ишқаб кулдим.
— Бизнинг Тарлон шўх-да, шўх! Бир шўх¬лашибди-да! Ўтадиган дунёда бир шўх¬лашайин, дебди-да! — Кула бериб-кула бериб, ичларим оғриб қолди. Кула бериб-кула бериб, кўзларим ёшланиб қолди.
— Мол эгасига ўхшайди, дейсиз-да? Ай, уккағарнинг қудаси-э! — дедим. — Айниқса, от эгасига ўхшайди, дейсиз-да? Ай, уккағарнинг қудаси-э!..

Гарчи қўлимга бир нима илашмаса-да, девордан кесак олиб отган бўлдим. Гарчи бир нима отилиб бормаса-да, жувозкаш пусиб қолган бўлди.
— Ай, кучингдан Тарлон-эй, кучгинанг¬дан-э!— дедим.

Мириқиб кулдим, ҳузурланиб кулдим, маза қилиб кулдим!

Бир амаллаб ўзимни босиб олдим. Юз-кўзларимни артдим.
— Ҳа-э, шундай-шундай бўлади-да-э! Иссиқ жонда-э, иссиқ жон! — дедим. — Қани, ичкариланг, қуда, чой ичамиз?
— Йўғ-э, қуда, йўғ-э. Эсимнинг борида жувозхонамга кетайин. Бўлмаса, куёв бўлмиш келинни кўриб қолади-да, тағин ҳиқиллаб ёпишади!
— Шундайми, унда, майлингиз. Ўзи, келин қаерда, қуда?
— Ана келин, ана!

Девордан узалиб қарадим.

Назир жувозкаш остидаги отини кўрсатди.

65

Самад чавандоз кўпкарининг олган-олгани¬ни— охирини олди.

Қайтишимизда баримизни уйига айтди. Самад чавандоз уйи олдига келганимизда ўйланиб қол¬дим. Мендан бўлак чавандозлар уйи яқин бўлди. Чавандозлар отларини боғлайди-ю, келади.

Бизники хийла олисда бўлди. Тарлонни уйимизга боғлаб келаман дегунимча, қозон икки қайнайди. Чавандозлар менинг йўлимга қараб ўтирмайди. Гўштни ейди-қўяди!

Яна тағин, эриниб, келолмаслигим-да бор.

Ўйлаб-ўйлаб, қоладиган бўлдим. Нафс қурғур ёмон-да!

Тарлонни дарвоза устунига боғладим. Кўпкаридан олган гилам, тўнларни эгардан олдим.

Шунда, кўчадан кенжа қайнимиз Қорақул ўтди.
— Йўл бўлсин? — дедим.
— Сизникига, — деди қайним.
— Ма, Тарлонни-да ола кет, — дедим.

Қайнимни оёғидан олиб, отга миндириб юбордим.

Самад чавандозникида ёнбошлаб олиб, тана илик сўрдим.

Чавандозлар бўлиб ўтмиш кўпкари гурунгини қилди. Отларга таъриф берди. Ўзларидан ўтган хато¬лик¬ларни бетларга айтди. Яхшиликларини ёдлади. Бир-бирлари елкаларига қоқди, тиззаларига шапати¬лади.
— Ай, яша-э, яша! — деди.

Чавандозлар ҳамроз бўлди. Бир-бирига ақл бўлди.

Самад чавандоз михда осиғлиқ дўмбирасини олди. Тинқиллатиб-тинқиллатиб созлади. Чертиб-чертиб бошлади.

Хаёлларга ғарқоб бўлиб ёнбошлаб ётиб эдим, гал менга келди. Мен чордона қуриб ўтириб олдим. Билакларимни турдим. Дўмбирани созимга солдим. Ҳаккалабосим-ҳаккалабосим нағмалардан чалдим. Чавондозлар кўнглини қитиқладим.

Самад чавандоз ўтирган ерида елкаларини қоқиб-қоқиб ўйнаб қўя берди!

Сўзни сўзга чўқиштирдим, гапни гапга уриштирдим, отларни нағмаларга солдим. Отлар ашула бўлди! Аҳай-аҳай!

Бул сағрингга қарайман

Куёвли қиз ётгудай,

Бурнингдан чиққан дамингга

Каррак босса ёнгудай,

Қулоқларинг орасидан

Қўштегирмон сув ўтгудай!..

Биродарлар, ашула ичидаги от бор-ку? Ўша ўзимизнинг Тарлон, ҳа!

Ана, Тарлон дирк-дирк ўйнади. Бепонён Вахшивор адирларига қараб кишнади. Залворли адирлардан акс садо келди...

Ё, сизнинг отингиз-да бизнинг Тарлондайми? Бизнинг Тарлонга келбат берадими? Унда, сизнинг отингиз-да ашула бўлибди-да? Аҳай-аҳай!

Ҳадеб отни ашула қила бериш бўлмас! Энди чавандозларга-да ўтайин! Кимни ашулага солсам экан? Шу бурчакда ўй суриб ўтирган Одина чавандозни ашулага солсаммикин? Ўттизни уриб қўйди, ҳали-да уйланмади! Бир қитиғига тегайин! Зора, йигитлик ғурури ваража қилса! Аҳай-аҳай!

Қидириб чопсанг бирор кун

Кенг Қўнғиротнинг тўйини,

Олиб ётсанг, жўражон

Қора уйнинг тўрини,

Олиб қучсанг найлайин

Бурни кулган бир парини,

Шу чиқарар куйган юрак черини!
— Ҳа, дў-ў-ўст!
— Қўйма, Зиёдулла чавандоз, қўйма!

Чавандозлар гап қаёққа бораётганини билди.

Гап эгаси-да ўзини билди, ўзини таниди. Кўзлари пир-пир этди. Кўзлари ерга қадалди.

Биродарлар, бўйдоқнинг ақли икки кўзида бўлади!

Мен эндиги гапимни нағмаларсиз айтдим:
— Одина чавандоз дейман-ов! Йигитнинг боши иккита бўлмагунича, моли иккита бўлмайди! Уйлан-да энди, биродар! Оғзингга толқон солгандай миқ этмай юрасан! Айт-да, ўзи нима гап? Биз се¬нинг узанги йўлдошларингмиз! Яхши кунингга-да, ёмон кунингга-да яраймиз!

Чавандозлар гапимни қувватлаб турди, маъқуллаб турди.

Охири, Одина чавандоздан садо чиқди! Одинаси қурғур, бизнинг қайнсинглимизни кўз остига босиб юрибди экан! Ана, гап! Бир сафар совчи-да қўйибди, аммо қайнонамиз йўқ, дебди! Ана.
— Одина чавандоз-ов, ёш йигит кўзи билан қиз олма, дейдилар. Бизнинг қайнисинглимиздан бошқаси бўлмайдими? — дедим.
— Йўқ, бўлмайди! — деди Одина.

Одина чавандоз оламда бизнинг қайнсинглимиздан ўзгасини тан олмас эмиш! Қайнсинглимиз оламда яккаю ягона эмиш!
— Йўғ-э? — дедим.
— Ҳа! — деди.
— Чинингни айт? — дедим.
— Чиним! — деди.

Биродарлар, дил кетган эмиш, дил! Аҳай-аҳай!
— Ай, Одина чавандоз, унда, қўлни бер, ўзи쬬 совчи бўламан! — дедим. — Қайнсинглимни сенга олиб бериб, сен билан божа бўлмасам, Зиёдулла чавандоз отимни бошқа қўяман! Шу кундан эътиборан, икковимиз божа! Ай, Одина чавандоз-ов, нарироқ ўтир, божа божани кўрса... — дедим.

66

Биродарлар, ёш болага иш буюр-у, изидан ўзинг югур, дегани ҳаққост чин бўлди!

Қайнимиз нима қилибди денг? Қайнимиз уйимиз олдидан оқадиган ариққа келиб, Тарлонни сувга қўйибди. Ғарқ терга ботиб турган Тарлон тўйиб-тўйиб сув ичибди. Кейин, Тарлонни отхонага олиб кириб боғлаб қўйибди...

Эрталаб Тарлонни отхонадан етаклаб чиқдим. Айлантириб қарадим. Қорин этлари дир-дир учди, пир-пир учди!

Биродарлар, отга сув тушса ана шундай бўлади! Тарлонга сув тушибди!

Ай, қайним-э, ай, калла-э! Энди сенга нима дейин? От ғарқ терга ботса, сув ичириб отхонага боғлаб бўлмайди, дейинми? Мабодо ичирса, хийла йўл юриш лозим бўлади, бўлмаса отга сув тушади, дейинми? Кейин, от кўпкарига ярамай қолади, дейинми! Мактабда комсомоллар каттаси бўлсанг-да, шуни-да билмайсанми, дейинми? Битта-да тўрти йўқ аълочи Қодиров Қорақул бўлатуриб, шунга-да фаросатинг етмадими, дейинми? Омон сурнайчи¬нинг қизи билан партанинг остидан хат олишиб-хат беришиб туришга етган ақлинг шунга етмай қолдими, дейинми? Мендайин бир кал бўлсанг экан, ақли сочи билан қўшилиб тўкилиб кетган десам, дейинми? Калланг тўла жун бўлса, дейинми?

Демайин, демайин! Қайнига илкис гапириб бўладими...

Опаси бизда!

67

Тарлонни миндим, сувини тушириш билан машғул бўлдим.

Кўпкариларга миниб бордим.

Борсам-да, чопмадим. Бировлар отида чопдим

68

Вахшивордаги бир кўпкарида-да шундай бўлди.

Мағрибдаги оппоқ тоғ Керагатоғ бўлди. Керагатоғ Ҳисор тоғлари давоми.

Керагатоғни яқин деб бўлмайди. Пурвиқор¬лигидан бир қадам бўлиб кўринади. Керагатоғдаги майда-майда олачипорлар арча бўлди. Аслида арчалар-да майда эмас. Олисдан майда кўринади. Арчалар улкан-улкан, бўйи қайрағочдай келади. Бели одам белидай келади.

Қирлар, адирлар қор бўлди. Амирлар ўнгиридаги Қорбосди даштида қора бўлди. Этик кўмар қор бўлди.

Қорда жониворлар изи бўлди. Излар теварагида товуқ патлари сочилиб ётди. Булар тулкилар иши бўлди. Беш панжали излар бўриники бўлди.

Осмон юзи покиза бўлди.

Бошимизда кун ёнди. Кун бетига қараб бўлмади. Балиқ тангасидай-балиқ тангасидай қор учқунлари йилт-йилт этди, кўздан ёш оқизди.

Теварак моякдайин равон, супрадайин оқ бўлди. Қаер чуқур, қаер ўр, билиб бўлмади.

Кўнглимга ҳадик тушди. Улоққа оёғим тортмади. Келишга-ку келдим, энди чопайин, дедим. Чопадиган бўлдим.

Жўра бобонинг отида чопишни азм этдим.
— Кўзингга қараб чоп! — деди Жўра бобо.

Кўнглимга янада ҳадик тушди. Телпагимни қошимгача бостириб, кўзимни кундан пана этдим. Ичимда калима қайтардим. Супрадай оппоқ даштда уймалашаётган қоп-қора тўдага қараб юрдим.

Чавандозлар билан отлар нафаси буғланиб-буғланиб ёйилди. Отлар чопишини кўриб, отларга раҳмим келди, кулгим-да келди. Отлар оёғини қордан зўрға олди. Тор-тор одим отди. Йўртиб юра¬ётгандай бўлди. Забтли-забтли чополмади. Оёғи қорга ботиб-ботиб қолди.

Қор, от кўзини шафақлатди, от кўзини олди.

69

Улоққа кўнглим чопмади. Четроқда томошагўй бўлиб турдим.

Шунда, ажаб бир чавандоз кўрдим. Қўлимни қошим устига қўйиб кўрдим.

Чавандоз остидаги от майдагина, ермитти от бўлди. Сариқ жунлари бузоқникидай узун-узун бўлди.

Узангисиз шекилли, чавандоз оёғи қорга шалвираб-шалвираб турди.

Кулгим келди. Бу чавандоз ким бўлди экан, дея яқинроқ бориб қарадим. Чавандоз бетига қараб, анграйиб қолдим. Кулгим қочиб кетди. Бу чавандоз... ўша қатрон бўлди! Қатрон кал бу ёқларда нима қилиб юрибди?

Тўда нарёғида турган Жўра бобо олдига бордим. Жўра бободан сўрадим.

Жўра бобо қўл силтаб жавоб берди.
— Бир яхшига бир ёмон ҳар ерда бор. Дарров танидингми? — деди.
— Калладош бўлгандан кейин таниймиз-да... — дедим.

Қабатимдаги биров гапга аралашди:
— Шу, бошқарманинг эски бошлиғими? Ўзим ҳам айтдим-а, бир гап бор деб.
— Нима бўпти?
— Кал деганимни кўнглингизга олманг-у, Зиёдулла чавандоз, бу калнинг юзи қурсин! Ана, халқнинг қарғиши урди!
— Индамагин калга — ўзи келар ҳолга, дейдилар.
— Отангизга раҳмат. Ана, кўчада итдай тентираб қолди.
— Нима сизларга-да келиб эдими?
— Эҳа, сиз сўраманг, мен айтмайин! Отларни қийратиб кетди! Шу тўй хўжаси ошнаси бўлади, буниям оти қолмади! Бечора ўшанда оти кетидан йиғлаб қолди! Кал энди тўйига келиб ўтирибди! Билмайман, қайси юз билан келди. Ўзи, калласи билан юзининг фарқи йўқ экан...
— Унга ўзи отни ким берди?
— Ўзи сўради. Ўзи дир-дир қалтирайди, ботин¬касини ботинкасига уради. Ғирт маст! Ҳожиқулбой ҳам боплади! Ҳурмат қилган бўлиб, бир эшакдай отни ўнглади. Сиз каттасиз, яқинроқдан бориб кўпкарини назорат қилиб туринг, деди. Бечора ишониб, кўпкарига раҳбарлик қилгани келди.
— Отдан тушса ҳам, эгардан тушмайди...

Чавандозлар отини зўр бериб ниқтади, сағрисига қамчи босди. Ҳайқириқлар бериб, улоққа чорлади.

Баковул тўдани айланиб, ҳайбаракаллачи бўлди:
— От қўй! Ҳа, от қўй!

Қатрон кал, ҳайқириб чорлаётган чавандоз¬ларни тартибга чақириб турди:
— Шовқин, ўртоқлар, шовқин! Шовқин камроқ бўлсин! — деди.

Бир чавандоз оти улоққа бора бермади. Шунда чавандоз отини қамчи остига олди.
— Ҳе, падар лаънати! Мана, бўлмаса, мана! — деди.

Қатрон кал чавандозга огоҳлантириш берди:
— Сўкинманг, ўртоқ чавандоз! Бу ер жамоат жойи! — деди.

Чавандоз эшитмади.

Аммо баковул эшитди. Қатрон калга хўмрайиб-хўмрайиб қаради.
— Кал ўзини овутар — қўлтиғини совутар, дегани шу-да — дея тўнғиллади.

70

Биродарлар, кўнглимда армон болалади!

Тарлон яхши бўлса эди, улоққа солардим... Қатрон калга бир кўрсатиб қўярдим...

Жўра бобонинг Тўриғи гижинглади. Жиловни сил¬киб, улоққа талпинди. Тўриқ улоқ айиргиси келди! Бундай вақтда отни йўлдан қайириш инсофдан бўл¬майди. Отни сувга олиб бориб, қуруқ қайтариб келиш бўлади. Оқибат, от ёмон ўрганади. Улоқдан, чавандоздан кўнгли қолади.

Жўра бобонинг Тўриғи жиловни тағин силкиди. Шунда, тўдага солдим.

Улоқни бир саман Бурноч билан баравар олиб чиқдим! Саман Бурноч абжирроқ бўлди, йўлини буриб солди.

Улоққа ушлашиб бора бердим. Бир маҳал қўлим совуққа қотиб, улоқдан чиқиб кетди.

Шундай бўлса-да, Жўра бобонинг оти Бур¬ноч¬дан қолмай чопди. Улоқ билан орамиз бир қулочча бўлди. Кетимиздан отлар чопиб келди. Бундай вазиятда улоққа узалиш қалтис бўлади. Боиси, кетимиздан келаётган отлар абжирроғи орамизга ёриб киради, узалган қўлни синдириб ю¬боради...

Шу боисдан улоққа қўл узатмадим. Жўра бобонинг отини буриб кетдим.

Мен энди қизиб бошладим. Баданим жимирлаб, ваража қилди. Ғайратим келди.

Улоқни бир Буйра от кўтарди.

Жунлари қўзичоқ жунларидай жингала-жингала, кўзлари олакўз-олакўз отни кўриб эдингизми? Ўлманг! Буйра от ана шу! Буйра от олакўз бўлади!

Бу сафар Жўра бобонинг оти улоққа жипсроқ чопди. Улоқдан бир қадамча кейинда. Чил от сағриси баравар чопдим.

Бундай вазиятда улоққа узалиш ўта, ўта қал¬тис бўлади! Боиси, борди-ю, улоқни юлиб олсам, улоқ келиб отимнинг кўкрагига, ундан кейин тиззаларига забтли келиб урилади. Оқибат, от қоқилиб йиқилади!

Бундай улоқни олишнинг яхши йўли бор. Ўзиб ўтаётиб, ҳа-ҳа, ўзиб ўтаётиб, улоқни юлиб олиб кетиш лозим бўлади.

Шундай қилмоқчи бўлдим. Улоқни узалиб ушлаб, Жўра бобонинг отига қамчи босдим. Аммо Жўра бобонинг оти бизнинг Тарлондайин олға эмас, ёнига буриб солди.

Улоқ менинг қўлимга ўтди. Улоқни даст кў¬тариб ололмадим. Улоқ Жўра бобонинг оти кўкракларига, ундан ўтиб, олд оёқларига забтли келиб урилди. Жўра бобонинг оти бир мункиди. Энди мункишида олдига эгилди.

Қўлимда улоқ билан от бошидан ошдим...

71

Ғўнғир-ғўнғир овоз эшитдим.

Кўзимни очиб, осмонранг оламни кўрдим. Яхшилаб қарадим, кўраётганим осмоннинг ўзи бўлди.

Ҳайрон бўлиб, теварагимга алангладим. Тева¬рагимда Жўра бобо билан беш-олти узанги йўлдошларим турибди. Оёғим тарафда отлар турибди.

Узанги йўлдошларим жонланди.
— Кўзини очди, хайрият-э, — деди.
— Ўзига келди, бетига яна қор суртинглар.
— Зиёдулла чавандоз, қалай суяклар ен¬гилми?

Шундагина нима гаплигини билдим. Жойимдан турмоқчи бўлдим. Улоқ ушлаган ўнг қўлим қимирламади. Гўё жони йўқдай бўлди. Бор кучим билан интилдим. Ўнг қўлим зириллаб оғриди. Кўз олдим хира бўлди. Оппоқ қор қоп-қорайиб қолди...
— Тураман деяпти, турғизинглар.

Ўзимга келиб, кўзимни очдим. Оёқ тара¬фимдаги отлиқлардан бирови қатрон каллигини билдим. Қатрон кал бетига синчиклаброқ қарадим. Кал юзларида хушвақтлик бўлди, табассум бўлди. Кал— калга кулди!

Қатрон кал теварагидагиларга қараб гапирди:
— Мен бундан кўп йиллар муқаддам айтганман, кўпкари эскилик сарқити, саломатлик душмани, ҳаёт учун хавфли деб! Мана исботи! — деди. — Мана шу отини гўштга бермай, мен билан қонунлашган! — Мана оқибати! Гўштга топшириб юборганида бундай фалокат бўлмас эди! Ана энди майиб-мажруҳ бўлиб қолади, тамом!
— Яхши отдан йиқилса, ёмон таъначи бўлади!

Бу гапни Жўра бобо айтди. Бобо бир ўқ билан икки қуённи урди!

Мен оғзимда қўланса бир нима туйдим. Жағларимни қимирлатдим. Бир нима ғижирлади. Тилим учи тишларим орасига кирди. Бармоғимни оғ¬зимга солиб кўрдим. Бармоғим қон бўлди. Ёнимга яшириб, ўнгиримга артдим. Билдим, оғзимдаги қўланса ис қон бўлди. Лунжларимда ғижирлаб ўйнаётган тишим бўлди. Тилим учи кириб чиқаётган кавак тишим жойи бўлди.

Кўнглимда нимадир бир нима қўзғолди. Ку¬чаниб-кучаниб, бор вужудимни таранг этдим. Ўнг қўлим зир-зир оғриди. Чап тирсагимга суяниб қўзғолдим.

Узанги йўлдошларим қўлтиғимдан олди.

Бир амаллаб жойимдан турдим. Бошим айланиб-айланиб кетди. Кўз олдим зим-зиёланди. Тишимни тишимга қўйиб кучандим. Тош бўлдим! Олам яна аслига келди.

Оғзим лиммо-лим қон бўлди. Сағал хаёлладим, оғзимдан отилиб кетаман-отилиб кетаман, деди. Қаерга тупуришимни билмадим. Теварак оппоқ, тупурсам, қор қип-қизил бўлади. Кейин, Қатрон кал қонни кўради...

Менинг кўзим Қатрон калда, Қатрон кал кўзи менда бўлди!

Бўлмади, бўлмади! Оғзимдаги қонни тишим билан қўшиб, ичимга ютиб юбордим! Яна бир ютиниб, қолган қонларни-да ютдим!

72

Киприк қоқмай, алп-алп одим отиб, Жўра бобо¬нинг оти олдига бордим. Чап қўлим билан эгар қошидан олиб отландим. Шунда, ўнг қўлим ёмон оғриди...

Жиловни чап қўллаб ушлаб, тўдага юрдим. Ўнг қўлимни қимирлатмадим.

Улоғини бериб қўйган чавандоз кўнгил сўради.
— Қалай, чавандоз, бирон ерингиз лат емадими? — деди.

Кулимсираб, соғ қўлимни силтадим.
— Мижжамга-да келмади. Уст-бошимга сағал қор илашди, — дедим. Ҳамон анграйиб қараб турган қатрон кал, гапларимни-да анграйиб эшитди!

Зирқ, зирқ! Уҳ, қўлим-а, қўлгинам-а!..

Ўнг қўлимни авайлаб, қўйнимга солдим. Бир оз ором олдим.

Улоқ кўтарилди. Тўда кетидан чопдим. Беих¬тиёр қўлимни қўйнимдан олдим.

Зирқ, зирқ! Уҳ!..

Улоқ кимда кетди, билмадим. Отлар кетидан шунчаки чопиб бордим.

Қўлимни яна қўйнимга солдим. Жўра бобонинг отини улоққа ниқтадим. Тўриқ зор бўлиб турган экан шекилли, тўдани ёриб кирди-қўйди! Ич-ичимдан зил кетдим! Энди улоқни қандай кўтараман?

Нима қилишимни билмай, гангиб қолдим, Бо¬вужуд, бир Саман йўлимизни ёпиб олди. Жўра бобонинг оти улоққа боролмай қолди.

Шундагина кўнглим тинчиди. Енгил нафас олдим. Саманга қараб, борингга шукур-э, дедим.

Зирқ, зирқ!..

Бошқа вақтлари ана шундай қараб турсам, улоқ мен тарафга келмайди. Келиб-келиб, улоқли айни шундай вақтда менга қараб юрса бўладими! Мен улоққа зормидим, дардим улоқмиди...

Ана, улоқ келди! Барча қараб турибди. Айниқса қатрон кал!

Мен тишимни тишимга қўйдим. Оғриқ қўлимни улоққа узатдим. Бор кучим билан бутидан чангаллаб ушлаган бўлдим. Аслида, бармоқларимни улоқ жунларига шунчаки тегизиб турдим!

Зирқ, зирқ!..

Гўё улоқни олиб кетмоқчидай бўлдим. Жўра бобонинг отига айқириб қамчи босдим.
— Ҳа, жонивор-а! — дедим.

Жўра бобонинг оти улоқдан кейинда қолиб кетди.

Мен хўжакўрсинга бош ирғадим! Қамчили қўлимни аламли силтадим. Гўё, ҳай, аттанг-а, омад кулиб боқмади, дедим. Омаддан нолиган бўлдим.

Зирқ, зирқ!..

Хайрият, хайрият-э, кўпкари соб бўлди!

73

Ўзимизнинг Тарлонни миниб, уйга келдим.
— Чопиб бориб, дўхтирни айтиб келинглар! — дедим. Худойқул дўхтир бир қутича кўтариб келди. Оғриқ қўлим енгини силкиб тортди.

Мен инграб юбордим!

Зирқ, зирқ!..

Енгим ҳадеганда суғирила бермади. Шунда, Худойқул дўхтирга пичоғимни олиб узатдим.

Дўхтир енгимни пичоқ солиб айирди.

Тирсагим йўғонлиги соғ тирсагимдан учов келди! Тирсагим тирсиллаган шиш бўлди!

Худойқул дўхтир бош чайқаб-бош чайқаб, мени машинасига солди. «Хазорбоғ» совхози беморхонасига олиб борди.

Дўхтирлар шишган қўлимни бир аппарат остига қўйиб кўрди.
— Кўп қўрқманг, тирсакдан чиқибди, хо¬лос, — деди.

Қўрқармидим-э, қўрқармидим! Қўлим чиқ¬қанини отдан йиқилибоқ билиб эдим!

Биродарлар, оғзинг қора қон бўлса-да, ғаним¬нинг олдида тупурма!

74

Шу ётишимда йигирма кундан кўп ётдим.

Ниҳоят, дўхтирлар гипсни олди, уйга жавоб берди.

Кўнгил сўраб келувчиларга қўлимни ялан¬ғочлаб кўрсатдим. Ҳасан бобо қўлимни айлантириб кўрди.
— Эб-эй, қийшиқ-ку! — деди Ҳасан бобо.

Эътибор бериб қарадим, қўлим чиндан-да тирса¬гимдан қийшиқ бўлди.
— Қурбон табибга бор, нима гаплигини айтади, — деди Ҳасан бобо. Эрталаб Тарлонни миндим. Қорахонга йўл олдим.

75

Бир вақтлари Қорахонда Хидир дегич бўлди. Одамлар уни Хидир мироб, деди. Ўзи, мироблик қиларди-да!

Ана шу Хидир мироб чиққан суякларни жойига солди, синган суякларни даволади.

Шу одам кетди! Қаёққа? Қаёққа бўларди, қиёматга-да!

Шундай одам-да кетди-я! Ҳеч ишонгим келмайди! Мен, бундай одамлар дунё тургунча туради, деб ўйладим. Кейин-кейин билсам, биров-да бу дунёга устун бўлолмас эди...

Шу одамдан Қурбонназар деган ўғил қолди. Қурбонназар отасининг қўлини олиб қолди. Отаси оғзига тупурган бўлса ажаб эмас!

Ўзи, раис! Лекин мен раисман, демайди! Каттага-да бир, кичикка-да бир!

Шу одамнинг дарвозасини қамчи дастаси билан тақ-тақ урдим. Ичкаридан бир заифа чиқди.
— У киши ишдалар. Кириб ўтириб туринг, ҳамзамат келиб қоладилар, — деди заифа.

Қурбонназар меҳмонхонасига салом бериб кирдим.

Заифа дастурхон ёзиб кетди.

Чойни ўзим қуйиб, ўзим ичиб ўтирдим.

Қурбонназар укамиз келди.

Қучоқлашиб кўришдим. Таомлардан кейин дардимни айтдим.

Қурбонназар дастурхон четини қайириб қўйди. Олдимга силжиб келди.
— Қани, ечинг қани, — деди.

Қўлимни яланғочлаб тутдим. Қурбонназар қўлимни айлантириб кўрди, уёқ-буёғини кўрди. Елкамдан бармоқларим учигача силади. Бўғин¬ларим қўшилиш ерида сабр қилди. Айниқса, тирса¬гимда кўп сабр қилди. Кўзларини юмиб турди.

Хаёлимда, Қурбонназар тирсагимдан бир нималарни эшитди. Ўзича бош ирғади. Яна эшитди. Кўзларини юмиб эшитди.

Ҳайрон бўлиб қолдим. Авваламбор, тирсагим нағма чалаётган радио эмас, телевизор-да эмас! Бор-йўғи эт билан суяк! Яна айтсам, эшитган одам қулоғи билан эшитади-да! Нима, қўли билан эшитадими?

Лекин бу гапларни Қурбонназарга айтмадим. Ичимда айтдим. Қани, нима деяр экан, деб сабр қилдим.
— Бекор овора бўлибсиз-да. Сағал лат еган экан, яхши бўп кетибди. Дўхтирларнинг гипси тузатибди, — деди Қурбонназар.
— Мен сизга айтсам, келмас эдим, Ҳасан бобо қўймади, бор-чи бор, деб.
— Ҳа, майли, Келганингиз яхши бўпти. Шу баҳона бир меҳмон бўп кетасиз. Қани, ётинг, бир муолажа қилиб қўяйин. Яна қайтиб лат емайдиган бўлади.

Мен кўрпачага чўзилдим, ёстиққа бош қўйдим. Қурбонназарга қўлимни бериб, шипга қараб ётдим.

Қурбонназар бармоқларим учидан бошлаб уқалади.
— Кўзингизни юминг, яхши бўлади, — деди Қурбонназар. — Ҳа, ана шундай! Энди, пинакка кетинг! Гўё, ухлаётган бўлинг. Қўлингиз пишиқ суякли экан. Илгарилариям отдан йиқилиб, лат еганмисиз?
— Йўқ, — дедим.
— Нимага келиб-келиб, энди шундай бўлди?
— От ўзимники эмас эди. Жўра бобонинг оти менга тушунмади, мен отга тушунмадим. Оқибати мана шундай бўлди.
— Ҳа-а, ўзингизнинг отингиз қаерда эди?
— Бизнинг Тарлонга сув тушиб эди.
— Отга сув тушишини-ку, биламан. От оёғига ем тушди, дегани нима дегани?
— От оёғига ем тушса, оёғи қотиб қолади. Пайлари дириллаб-дириллаб учади.
— Ҳа-а, ҳар икковидаям кўпкарига чопиб бўлмайди-я?
— Эса-чи.
— Қора от яхши бўладими, ёмон бўладими?
— Ёмон бўлади. Қора от ўжар, сержаҳл бўлади.
— Ҳа-а. Сетон-Томпсон ҳам шундай ёзган. Демак, чин экан-да.
— У чавандоз қаердан?
— У чавандоз эмас, канадалик ёзувчи. Ўзининг «Ёввойи йўрға» деган китобида шундай ёзган.
— Ким бўлса-да, отни билар экан.
— От хомлаб қолди, дейди, у нима дегани?
— Унда, от мой ташлайди. Кейин, кўпкарига ярамай қолади. Боқилган отни билиб-билмай чопиб қўйсангиз, от ичида мой тўлиб қолади. Бундай отни-да бир йилгача кўпкарида чопиб бўлмайди.
— Ҳа-а, От одамни босмайди, нимага шундай?
— Боиси, от одамзотни улуғлайди. Одамзотга вафо қилади. Ҳайвонлар ичида от билан ит шундай. Пишакни-да шундай дейишади. Мен бу гапга қўшилмайман. Пишак суюқоёқ аёлдай гап. Ким қорнини тўйғазса бўлди, пиш-пиш, дея бошини силаса бўлди, кетидан эргашиб кета беради. Эшик эгасини танимайди, пишак бекасини танимайди. Кейин от жойида таққа тўхтай олади. Энг яхши машина қайси машина? Ўлманг! От тормози, ана шу «Чайка» тормозидан-да яхши ишлайди. Олдида одам борлигини кўрдими, бўлди, таққа тўхтайди. Борди-ю, довдираб қолса, одам устидан ошиб ўтади.
— Ҳа-а. Айтишларича, аёл боққан от яхши бўлар эмиш. Шу чинми?
— Эса-чи. Боиси, от сағали кам одамдай бўлади. Қонида пичагина девнинг қони бор, холос. Отга ем бергани борсак, у ҳамиша бизга суй¬канади, эркалик қилгиси келади. Бизни искайди, думи билан елкамизга уради. Шунда биз уни тек ўтир-э, сабил қолгур, деб қамчилаймиз. Бу қилиғимиз отга малол келади. Аёл бизга нозланиб суйкаласа, шунда уни жеркиб ташласак, аёлга қандай малол келади? От ҳам шундай-да! От кўнгли аёл кўнглидай нозик бўлади. Аёллар бўлса, отни урмайди, отнинг эркасини кўтаради. Аёлнинг мулойим табиати отга хуш келиб қолади. Аёл боққан отнинг яхши бўлишига яна бир сабаб, аёл ҳамиша уйда бўлади. Аёл ичкари киради, ташқари чиқади. Отнинг кўзи эртадан кечгача аёлга тушиб туради. Аёл от кишнаганда дарров емини беради, сувини беради. Биз эркакларнинг бўлса, уйда борлигимиздан, уйда йўқлигимиз кўп бўлади. А-а-ай, ўлдим-э!...

Тирсагимда бир нима қирс этди. Вужудим қизиди, пешонамдан тер чиқди. Қурбонназарга қарадим. Қурбонназар кулимсиб турибди.
— Ана энди қўлингиз яхши бўлди, — деди Қурбонназар.

Ана шундагина Қурбонназар мени жўрттага гапга солиб, мени гап билан алаҳситганини билдим.

Мени, алдаб-авраганини билдим...

Хийла ётдим. Оғриқ тинди. Шундан кейин жо¬йимдан турдим.

Қурбонназар қўлимни ипга солиб, бўйнимга осиб қўйди. Дори-да ичирмади, игна-да суқмади, расмга-да туришмади.
— Врачлар қўлингиз чиққанини кўриб-билиб гипсга солган, — деди. — Врачлар ҳамиша шундай қилади. Китобларида шундай ёзилган-да. Агар келмаганингизда қўлингиз ҳадеб қўзғала бериб-қўзғала бериб, ўйнама бўлиб қоларди. Энди бутунлай битиб, аслидай бўлади. Оз-оздан мўмиё тановул қилиб туринг, суякка мадад бўлади...

Оқшом қўнгунча гурунглашиб ўтирдим.

Кейин, отланиб қайтдим. Қайтаётганимда Қурбонназар бот-бот тайинланди:
— Тағин, қўлингизни солганимни бировга айтиб юрманг. Яхши бор, ёмон бор... — деди.

Уйга боргунимча ўйлаб бордим. Ай, дўхтирлар-э, нимага қўлим чиққанини кўра-била туриб гипсга солдинг? Кўра-била туриб қотириб ташладинг? Биласан, чиққан суяк жойига тушмаса, ҳадеб қўзғала беради! Одамни яримжон қилиб қўяди! Умр бўйи қийнади! Билмасанг, Қурбонназардан сўраб бил! Ё Қурбонназар табибга бор, де! Чопиб кела бераман!

Бовужуд, Қурбоннзарлар бор... Ҳали-ҳали Қурбонназар бор, кейин-кейин нима қиламиз?

76

Биродарлар, участка милитсионеримиз одам бўлиб қолди!

Ҳа, одам бўлиб муомала қилди, одам бўлиб гапирди.
— Қандай, жиянлар катта бўлаяптими, суяклар енгилми, ака?... — деди.
— Шукур, шукур, — дедим.
— Икки марта келиб кетдим...
— Аёлимиз айтди, йўқлади, деди.
— Чавандозчиликда шундай-шундай бўлади-да, ака. Одамлар самолётдан тушиб кетаяпти. Сиз йиқилсангиз, отдан йиқилибсиз-да.
— Шундай, шундай...
— Қалай, энди тузук бўп кетдингизми, ака?
— Шукур, шукур?
— Унда, раёндан бир хабар олинг, ака. Ка¬питан кўп сўради, ака.
— Майлингиз, иним, майлингиз.

Энди, бир душман кўзи қилайин, дедим. Қўлимдан ипни олиб ташладим. Қўлимни қўйнимга солиб олдим.

Отланиб, раён бордим.

Капитан катта эшигидан ичкариладим. Ичкарида ўша беқасам чопонлик одамни кўрдим. Бечора, юзлари яраси ҳали-да битмабди, бечора...

Беқасам чопонлик мени танимади. Капитан катта танитдирди.

Шунда, беқасам чопонлик мени бот-бот бағрига босди. Киприклари нам бўлди...

Биқинма-биқин ўтириб дардлашдим. Зот-боборакотини, мазгилини сўрадим. Беқасам чопон- лик «Навоий» колхозидан бўлди, оти Раҳмон бўлди.

Раҳмонбойнинг кўнгли бузилди. Овози қалтираб чиқди:
— Ўла-ўлгунимча сизга қуллуқ қилиб ўтаман, мана кўрасиз, — деди.
— Ундай деманг-э, нима каромат кўрсатдимкин, менга қуллуқ қиласиз, — дедим.

Капитан катта ишларини айтиб борди. Ишлар деярли ҳал бўлибди. Безориларни ушлаб, Раҳмон¬бойга юзма-юз қилибди. Раҳмонбой шулар эди, дебди. Лекин безорилар тонибди, айбини бўйнига олмабди.

Гап менда қолибди.
— Ҳозир олиб келади, — деди капитан катта.

Айтганидай, бир миллитсионер бўзболаларни ҳайдаб келди. Бирови ўтирмоқчи бўлди.

Капитан катта:
— Тур, тур дейман! — деб бақириб берди.

Бўзбола қўлларини қовуштириб қотиб қолди.
— Манави одамни танийсизми?! — деди капитан катта.

Бўзболалар мен тарафга сигир қараш қилди.
— Танимаймиз, — деди.

Капитан катта менга юзланди.
— Шуларми? — деди.
— Шулар, ҳа, шулар, — дедим.
— Олиб кетинг буларни! — деди капитан катта.

Милитсионер бўзболаларни ҳайдаб кетди.

Капитан катта менга жавоб бериб юборди.
— Хўш, сизга катта раҳмат, ака. Тергов тугагач, делони судга оширамиз. Суд куни борди-ю чақирсалар, бир келиб кетинг.
— Мен сизга айтсам, капитан катта, шунча кун мазам бўлмади. Шеригим менинг навбатимда-да қўй боқди. Одамнинг юзи чида¬маяпти...
— Хўш, тушунаман, ака, тушунаман. Сиз судда бўлмасангиз ҳам бўлади. Лекин анави тирриқлар кўп ишларни бўйнига олмаслиги мумкин. Иш яна ланж бўлади. Сиз судда савол туғилганда ҳа ё йўқ, деб турсангиз бўлди. Сиздан бошқа жонли гувоҳ йўқ. Мана шу биродарингиз учун яна бир келасиз, энди.

Биродарлар, капитан катта жон жойимдан ушлади! Билибми, билмайми, ишқилиб, биродарингиз учун, деди! Шу гап кўнглимни олди! Раҳмонбой биродаримизни деб, йўқ демадим.

Раҳмонбой биродаримиз мени уйига етаклади.
— Мазам йўқроқ, бошқа вақт борарман, биродар, — дедим.
— Унда, бирор кун ўзим уйингизга бораман, тўн ёпишиб оға-ини бўламиз, — деди.
— Шундай-да оға-ини, биродармиз, — дедим.

77

Милитсия машинаси эшигимизга келганини эл билди.

Биродарлар, элнинг қулоғи элликта!

Эл ажабланди, эл ҳадиксиради...

Дув-дув гап бўлди...

Биродарлар, ёмон гап, ракетадан олдин юради, яхши гап, тошбақадан кейин юради!

Хуфтон вақти-хуфтон вақти узанги йўлдошларим билан ҳамсоямиз Рихсиев кўнгил сўраб келди.

Аёлимиз дастурхон ёзди.

Бўлғуси божамиз Одина чавандоз аёлимиздан нам тортиб, ерга қараб ўтирди.

Узанги йўлдошларим гапни нимадан бошлашини билмади. Истиҳола қилди.

Шунда, Рихсиев гапни индаллосидан бошлади:
— Сизни милитсия машинаси уйингиздан олиб кетибдими, ўртоқ Қурбонов? — деди.
— Бекор гап-э! — дедим.
— Ана, ҳамма шундай деяпти-ю?
— Олиб кетган йўқ, айтиб кетди. Мен автобусда бордим, — дедим.

Фаросат этсам, эл оғзида кўп гап бўлибман. Элга бир гап тегмасин. Чибиндай гапни туядай қилиб гапиради. Эл оғзига элак тутиб бўлмайди. Энди бор гапни айтайин...

Айтиб-айтиб бердим. Бир гапни-да қолдирмадим!

Узанги йўлдошларим дилдўз сўзлар айтди, дилдўз гаплар айтди.
— Хўп жувонмардлик бўпти-да! — деди.

Рихсиев болишдан тирсагини олди. Чаван¬доз¬ларга сигирқараш қилди.
— Катализаторлар! — деди. — Бу, саргардон- лик-ку, саргардонлик!
— Саргардонлиги бўптими, шу баҳона Тарлон икковимиз шаҳарни сайил қилиб келаяпмиз, — дедим.
— Аҳа, у фалсафангизни бошқаларга ўқинг, ўртоқ Қурбонов. Сайил эмиш! Бундай ишлар турган-битгани ғалва, саргардонлик!
— Сайил-да — сайил, саргардонлик-да — сайил.
— Сиз энди кўраётгандирсиз-да? Аҳа, мен шаҳарда яшаётганимда бундай ишларнинг бир нечтасига дуч келганман. Сиздан яхши биламан, оқибати нима бўлишини! Бир дам олишда бизни пахтага олиб борди. Ўзингиз биласиз, бир кунликка борган ҳашарчилар пахта термайди. Ичиб, кайф-сафо қилиб қайтиб келади. Мен ҳам тагимга қўйиш учун икки килоча пахта териб, этагимдаги пахтага ёнбошладим, мудраб ётдим. Шундай пастимдан бир дарё лойқа сув оқаяпти. Шунда, дарё бўйида икки-учта қора кўринди. Кўзимни каттароқ очиб қарадим. Бизнинг ҳашарчилар эмас, шу ернинг йигитларига ўхшади. Ўзларича бир-бирларини турткилади. Ҳазиллашаяпти, деб ўйла¬дим. Аслида уришаяпти экан. Иккитаси биттасини ўртага олиб урди. Таёқ еяётгани ёқалаб қочди. Дарё устидан бир ингичкагина труба ўтар эди, шу трубадан қочди. Труба ўрталарида мувозанатини йўқотди. Гоҳ ўнг, гоҳ чап қўлини кўтариб-кўтариб, сувга тушиб кетди. Бошқалари қочди. Бола сув юзида гоҳ кўриниб, гоҳ йўқолиб оқди. Боши кўринганда додлаб бақирди.
— Сиз кўриб турдингизми? — дедим.
— Бўлмасам-чи! Шундай оёғим остидан оқиб ўтди! Сузишни билмас экан-да, бўлмаса, сув секин эди, бемалол сузиб чиқса бўларди. А? Йўқ, пастроқда бир оператор йигитимиз овозини эшитиб қолиб, ўзини сувга ташлади. Судраб олиб чиқиб, оёғини осмонга кўтарди. Барибир кеч бўлди, бола ўлиб қолди... Ишонсизми, шу оператор йи¬гитимиз бир ойдан ортиқ органга қатнаб, сўроқ берди! Она сути оғзига келди! Кўр бўл, дедим, ўзини билмаганнинг куни — шундай бўлади, дедим. Дунё шундай, ўртоқ Қурбонов, ўзи¬нгизни билинг, ўзгаларни қўйинг!
— Ҳа-э, тақдир пешона экан-да. Оламда нима гап?
— Оламда гап кўп, ўртоқ Қурбонов. Халқаро вазият тобора кескинлашиб бораяпти. Тинчлик хавф остида...
— Ким хавф солаяпти?
— АҚШ импералистлари! Буни халқаро панограмада ўртоқ Зорин ҳам айтиб ўтди. Аҳа, «За ребежом»да ҳам ёзибди. Мана, фактларга мурожаат қила¬миз. АҚШ маъмурияти 1983-йилда 810 миллион доллар миқдорида химия-бактериология қуроли ишлаб чиқаришни планлаштирибди.
— У қандай милтиқ?
— Аҳа, милтиқ эмас, заҳарли ингредиент.
— Ўзимизнинг деҳқончасига гапиринг. Биз бир ийиғи чиққан кал бўлсак, ундай гапларни қаердан биламиз.
— Аҳа, ингредиент бу, икки хил суюқ моддадан ташкил топган заҳарли дори. Мияни шол қилиб ташлайди. Аҳа, ўн-ўн беш дақиқа ичида вафот этасиз!
— Шуни инсон ўйлаб топдими? Одамзотни қириш учунми? Ё, табба! Бизникилар нима де¬япти?
— Аҳа, бизнинг ҳукуматимиз тинчлик посбони бўлиб келди, бундан кейин ҳам шундай бўлиб қо¬лади!

78

Узанги йўлдошларим уй-уйига кетди.

Аёлимиз дастурхон йиғиштирди.

Кенжамизни қўлимга берди.
— Манавини пича ушлаб турсин, қозон-тобоғимни ювиб олайин, — деди. Кенжамизни тиззамга олдим.

Кенжамиз дастурхон олиб кетаётган онасига жимит қўлларини чўзиб ингиллади.
— Инг-инг-инг!... — деди.
— Бўлди, энанг ҳозир келади! — дедим. — Ҳай, анави суратдаги ким? Ака-я? Ака де, ака!

Кенжамиз овунмади. Ингиллай берди.

Шунда кенжамизни тиззамда тебратиб суйдим:

Келгин, болам, тиззамга,

Ёл бўларсан ўзимга,

Қулоқ солгин сўзимга,

Ҳуйё, болам, ҳуйё!..

Биродарлар, куйган — ўланчи бўлади, суйган— лапарчи бўлади?

Ўз-ўзимдан куйиб-куйиб, ич-ичимдан куйиб-куйиб, кенжамизни суйиб-суйиб, ўланимни айтиб қўя бердим:

Жоним болам от чопсин,

Отига бахмал ёпсин,

Ҳуйё солсин отаси,

Орқасидан ёл топсин,

Ҳуйё, болам, ҳуйё!..
— Ай, энаси-я, кел, улимга мамма бер! Улим маммасираб қопти. Ана, айтдим, энанг келади, мамма беради!

Болам, сен ҳам ботирим,

Чопиб келаётирим,

Чўпон бўлсанг қўйларга,

Боқарсан ўтлоқ, сойларга,

Ҳуйё, болам, ҳуйё!..
— Бўлди-э, энағар! Оғзим бор деб ингиллай берасанми! Оғиз бир сенда борми? Мана, бизда-да бор! Нимага биз ингилламаймиз? Иззатингни бил-да! Ё, отига бахмал ёпсин, қўйларини боқсин, дегବ- н¬имга ўзингдан кетаяпсанми? Қани ўша от¬ларинг, қўйларинг? Ҳовлидагиларни айтаяпсанми? Эб-эй, эб-эй, улар сенинг бовангдан қолдими? Улар менинг отамдан қолди! Улар меники, билдингми?

Ҳуйё-ҳуйё, ҳуйё қани?

Бованг берган туянг қани?

Бованг берган туянг бўлса

Боқиб юрганларинг қани?

Боқиб юрган туянг бўлса

Адир ҳам чўлларинг қани?
— Ана бўлмаса, уккағарнинг кенжаси! Мард бўлсанг жавоб бер, уккағарнинг кенжаси! Ана, са¬синг чиқмай қолди-ку! Ингиллайсан-а, ингиллайсан! Ҳа? Ҳа-ҳа-ҳа! Шўхлашдим, уккағарнинг кенжаси, шўхлашдим! Шўхлашишни-да билмайсанми. Улим, манави уйлар-да, қўтондаги қўйлар-да, осмондаги ойлар-да, кўпчиб ётган ерлар-да, бари-бари сеники! Бор-э, Тарлонни-да бердим, бор-э! Ол-э, уккағарнинг кенжаси-э, ол-э!..

Ҳуйё қилай ҳуйдад

Отинг солгин тўдага

Ҳуйё қилсам ухлагин

Отанг сендан садаға

Ҳуйё, болам, ҳуйё-и-и-и!..
— Улим, бир нима эсингда бўлсин. Гагариндай бошинг осмонга етса-да, олим бўлиб етти иқлимни сўрасанг-да, сен авваламбор Зиёдулла чавандознинг ули бўл! Менинг улим бўл! Мендай бўл, мендай! Мендай бўласан-а, мендай бўласан-а?..

79

Суддан қоғоз келди.

Оёғим тағин узангида бўлди, орган йўлида бўлди.

Бора-боргунимча Яратганнинг ўзига сиғиниб бордим. Шу юришимни бўлди қил энди, мени бунчалар жонҳалак қилма энди, деб бордим.

Судда одам сероб бўлди.

Бир тарафда урган бўзболалар, бир тарафда Раҳмон биродаримиз ўтиди.

Катталар юқорида бўлди.

Бўлди сўроқ, бўлди жавоб!

Урган бўзболалар айбини бўйнига олмади. Бир-бирларига тўнкаб туриб олди.

Шунда, юқорида ўтирган катталар мендан сўради. Даъволарини мендан маъқуллатиб олди. Мен асқотиб турдим.

Бир катта Раҳмон биродаримизни сўроққа тутди:
— Айтинг-чи, нега вояга етмаган болани урдингиз? — деди.
— Урганим йўқ, калла қилдим, — деди Раҳмон биродаримиз.
— Барибир, урган ҳисобланади. Юзида жароҳат бор. Пулингизни ўғирлаган экан, яна тағин ушлаб олибсиз экан, милитсияга топшириш керак эди!
— Кучим етмади.
— Уришга етган кучингиз, милитсияга етаклаб боришга етмадими?
— Уч бирдай йигитга қандай қилиб кучим етади?
— Унда милитсияга телефон қилинг эди. Ёки, одамлрани ёрдамга чақиринг эди. Ана, кўча тўла одам!
— Одам? Қандай одам? Қани одам...

Раҳмон биродаримиз гапиролмади. Димоғи тўлиб келди. Овози ичига тушиб кетди. Енги билан кўзларини артиб-артиб олди.
— Бир соат танаффус! — деди катталар.

Ўтириб-ўтириб, қорним очқади. Чойхонага қараб юрдим.

Мен чой ичиб қайта бердим, одамлар суддан чиқиб кела берди.

Демак, суд соб бўпти, энди суд оқибатини сўрайин, дедим. Раҳмон биродаримизни қидир-дим.

Шунда, бир тўда момолар билан аёлларга рўпара келдим. Момолар сел-себор йиғлади. Пе¬шоналарига уриб-уриб йиғлади. Тиззаларига муштлаб-муштлаб йиғлади...

Билдим, булар ана шу бўзболалар момоси бўлди, ана шу бўзболалар онаси бўлди.

Мен ана шу кўз ёшлар оқиши учун ўзимни айбдор деб билдим. Ёшлар тўла кўзларга, ёшларга беланган юзларга қараб туролмадим...

Биродарлар, бармоғимнинг қайси бирини тишласам-да оғрийди!

Оҳиста-оҳиста кетимга қайрилдим.

Тарлонимиз олдига бордим. Отланиб, қишлоққа қайтдим. «8-Март» колхозидан ўтиб, Ҳайрондарага дохил бўлдим.

Теварак майда-майда адирлар бўлди. Арғам¬чидай йўл бир юқорилади, бир адоқлади.

80

Оқшом вақти бўлди.

Оламга-да оқшом қўнди, кўнглимга-да оқшом қўнди. Кўнглим оқшомдай маҳзун бўлди.

Беихтиёр кетимга қайрилиб қарадим. Бир қизил машинани кўрдим. Эътибор бермадим.

Адирга ўрладим. Адир қоқ устида тағин кетимга қайрилиб қарадим. Машина қорама-қора келди.

Адирдан эниб бошладим. Адир тиккалигидан Тарлон ўзини кетига ташлаб-ташлаб юрди. Олд оёқларини оғир-оғир босди.

Адир адоғига тушдим. Машина адир устида имиллаб қолди. Ҳайрон бўлдим. Машина дегани тез юрар бўларди, бу машина хийладан буён бир отдан ўтолмайди. Ё, бирон ери носозмикин?

Йўлни кесиб ўтадиган ариққа келдим. Ариқдан лойқа сув оқибди. Ичи қип-қизил лой бўлибди. Лой от тиззасига келади.

Шу боис, Тарлонни ариққа солмадим. Ариқдан ҳатлаттирмоқчи бўлдим. Аммо бу ниятимдан-да қайтдим. Важи, ариқ ёқалари-да лой. Тарлон тойиб кетади.

Ариқ ёқалаб, юқориладим. Саёзроқ ер қи¬дирдим.

Машина-да қуйига энди. Ариқ бўйида оёқ илди. Ўтолмаслигини билди шекилли, бизнинг изимиздан юрди.

Бизнинг Тарлон торроқ бир ердан чўчиб ўтди.

Машина Тарлон ҳатлаган ерда оёқ илди.

Машинадагиларга қамчи сопи билан юқорини кўрсатдим.
— Яна сағал юрсаларинг юқорида ёйилма бор! Ўшандан машина ўтади!

Шундай дея йўлимга бурилдим.

Шунда, кетимдан овоз келди:
— У, шеф! Тормоз!

Овозни танимадим. Нима деяпти, тушунмадим. Ким бўлса-да, бир инсон овоз бераяпти, борайин, дедим. Ариқ ёқалаб бордим.

Машинадан тўрт одам тушди. Иккови олисроқдан чопиб келиб, ариқдан ҳатлаб ўтди.

Тарлон ҳуркиб, кейинига тисарилди.

Кейин, қолган иккови-да келди. Барининг кўзида қора кўзойнаги бўлди. Кўзлари кўринмади. Сочлари елкасига тушди, қулоқлари сочи остида бўлди. Кийимлари ажабтовур бўлди. Бировнинг соқо¬лида бўлди. Ўзимиздай ўрта ёшли одаммикин, дея синчиклаб қарадим. Йўқ, у ўттизларда бўлди.
— Чақиргандай бўлдиларингизми, биродарлар?— дедим.

Улар миқ этмади. Соқолдори олдин юрди.
— Отдан тушинг-чи, шеф! — деди.
— Айта беринглар, қулоғим кар эмас, — дедим.
— Туш дегандан кейин, туш!

Уларнинг сенсираши кўнглимга тегди. Туша-туша, кўнглимни айтдим.
— Сенсираманг, биродар, салкам отингиз қаториман-а, — дедим.
— Ҳе, сендай отам қаторининг...

Қўлимда жилов, серрайиб қолдим. Қаҳрим келдим. Қамчи сопини маҳкам ушладим.
— Отингни боғлаб, буёққа юр!
— Нима гапингиз бор, биродар, шу ерда айта беринг.
— Юр, дегандан кейин, юр!

Улар ариқ ёқалаб юқорилади. Бирови-да кўзойнагини олмади.

81

Жиловни эгар қошига қистирдим.

Тарлонни бўш қолдирдим.

Кейин, улар олдига бордим.
— Ўзи кимсизлар? Кимнинг боласи бўласизлар? Ўзларингни танитинглар-да ахир, биродарлар, — дедим.

Улар мени ўраб олди. Гўё ёввойи одамни томоша қилаётгандай бўлди. Бирови ўз-ўзидан тўнғилади. Ҳали танишиб қўямиз! — деди.

Тавба, буларнинг менда нима иши бор экан? Эртароқ айтмайдими, кеч бўлаяпти...
— Ай, биродарлар, зарил гапларинг бўлса айтинг¬лар. Бўлмаса кетайин, бола-бақра алағда бўлади,— дедим.
— Кетасан, кетасан, шошилма. Қайтмайдиган бўлиб кетасан...

Зардам қайнади, кетимга бурилдим.

Шунда, улардан бирови йўлимга ғов бўлди. Бирови чапимга ўтди. Иккови оралиғидан ўтиб кетмоқчи бўлдим.

Шунда, ўнгимдагиси елкамдан ғижимлаб ушлаб олди.

Мен қўлини шартиллатиб уриб ташладим.
— Қўлингизни олинг, биродар! — дедим.

Шунда, у иягим остига ўхшатиб-да бир урди!

Кетимга гандираклаб-гандираклаб бориб ўтириб қолдим. Ногирон қўлим зирқираб оғриди.

Қамчи ўримини қўлимг ўраб-ўраб жойимдан қўзғолдим. Шу урганнинг бўйин томирини мўл қулочкашладим.

Кетимдагиси қамчини ушлаб қолди.

Яна ўтириб қолдим. Энди қамчини ушлаб қолганига қараб, қўзғолдим.

Шунда бирови кетимдан келди, белимга тепди.

Мен юзтубан йиқилдим. Ногирон қўлим зирқираб-зирқираб оғриди.

Туриб ўтирдим. Теваракка алангладим. Раён ўнг ёғимдаги адир ортида бўлди. Кўринмади. Қишлоқ чап ёғимдаги адир ортида бўлди. Қишлоқ-да кўринмади. Осмон бошимда бўлди. Барибир олисда бўлди.

Хўрлигим келди: ай, ёлғизлиги қурсин-а!

Кўнглим бузилди: ай, ногиронлиги қурсин-а!

Ўпкам тўлиб келди. Қўйнимдаги ногирон қўлимни ташқари чиқардим.
— Биродарлар, Жўра бобонинг отидан йиқилиб, қўлим чиқиб эди, мана... мана... — дедим.

Улар хохолаб-хохолаб кулди. Ўзаро гапиришди:
— Бу ўзи унга ким бўлади?
— Ҳеч ким!
— Ҳеч ким? Йўғ-э?
— Демак, бу ўзича ритсарлик қилмоқчи бўлибди-да?
— О, ритсар! ХХ аср ритсари!
— Дон Кихот!
— Дон Кихот! ХХ аср Дон Кихоти!

Мен шундагина улар кимлигини билдим. Қўлим ногиронлигини айтиб, йиғламсираганларимга минг-минг пушаймон бўлдим...

Ерга қарадим. Қўлимни қўйнимга солмадим. Соғлом қўлимдайин ерга тирадим.

Ногирон қўлим зирқиллаб оғриди. Тишимни тишимга босдим. Юзларим ловуллаб ёнди...

Бир бало қилиб, жойимдан турдим. Оёқларида тик турдим.

Шунда бирови жағимга урди.

Мен кетимга тисарилиб-тисарилиб, бунисига бориб урилдим.

Буниси елкамдан суяб қолиб, ҳароммағизимга урди.

Гандираклаб-гандираклаб, унисига бордим.

Унисидан иягимга едим.

Бир айланиб тушдим. Осмон гир-гир айланди. Осмон қоп-қора бўлди.

Тағин турдим. Далбанглаб-далбанглаб бордим. Бировнинг бўйнига осилдим.
— Биродарлар, мен сизларга нима қилдим... — дедим.

Уни жонимнинг борича қучоқлаб турдим.

У, ичимга кўп мушт урди.

Нафасим ҳиқиллаб бўлинди. Ичимда бир нима эзилди. Қўлларим бўшашиб, елкасидан сидирилиб тушди.

Оёғимда мажолим қолмади. Ўзимни ерга чалқанча ташладим...
— Биродарлар, айбимни айтинг, айбимни... — дея инграндим.

Белимга учли бир нима зарб билан тегди. Кейин биқинимга тегди. Зарб ҳар текканда жоним ҳал¬қумимга келиб кетди.
— Биродарлар, мен ҳам одам-ку... — дея инграндим.

82

Шунда... шунда, от кишнади.

Умрим от билан ўтди. Ҳай бир отларни кўрдим, ҳай бир кишнашларни эшитдим.

От сувсаб кишнади, от очқаб кишнади. Шунда от кўнглини сув бериб олдим, от кўнглини ем бериб олдим.

От авлод-аждодларини қўмсаб кишнади, от улпи-томирларини йўқлаб кишнади. Отлар овозини эшитиб кишнади, байталлар ҳавосини олиб кишнади.

Шунда, отни эгарладим, дашт-у далаларни айлантирдим, от оёғини ёздим. Отни совутдим, отни юпатдим.

От илон шарпасини олиб кишнади. Уйдан отилиб келдим. От ёнини олдим, бўйинларини уқаладим. Отга йўлдош бўлдим.

От бўри ҳидини олиб кишнади. Ҳа, жонивор, ҳа, дея овоз бериб чопдим. От бўйнига қўлимни қўйдим, от ёлларини силадим. От олдида бўлдим. Отга гапириб-гапириб турдим, биродар бўлиб-бўлиб турдим.

Кишнаш кўрдим, кишнашлар кўрдим, аммо ушбу оқшомдагидайини кўрмадим.

Во дариғо, бу қандайчикин кишнаш бўлди? Кишнаш кўнгил-кўнглимни ўйиб юборди, вужуд-вужудимни қақшатиб юборди. Танамдаги оғриқлар-да билинмай қолди.

Бизнинг Тарлонга нима бўлди, биродарлар? Нима бўлса-да, ёмон бўлди! Бизнинг Тарлон нима кўрди, биродарлар? Нима кўрса-да, ёмон кўрди!

Бизнинг Тарлон илон кўрдимикин? Йўқ, бизнинг Тарлон илон кўрса бундайин кишнамайди. Бизнинг Тарлон бўри кўрдимикин? Йўқ, бизнинг Тарлон бўри кўрса-да, бундайин кишнамайди.

Бизнинг Тарлон илондан-да ёмонини кўрди, бизнинг Тарлон бўридан-да ёмонини кўрди!

Тарлонни йўқлаб қарайин дедим. Бошимни кўтарайин дедим. Бўлмади, бўлмади!

Кўзим осмондалигича қолди. Осмон олис, ер қаттиқ бўлди...

От узиб-узиб кишнади.

Кўзларим тинди. Бепоён осмон, беғубор осмон қоп-қора қозон бўлди!

Юзимни чапимга бурдим. Аввал-аввал бир нимада кўрмадим. Кейин-кейин оқ билан қорани фаҳмладим. Ана шунда Тарлонни кўрдим.

Тарлон бўйнини гажак-гажак қилди.

Тоғларга қаради, зорланиб-зорланиб кишнади.

Тарлон думлари ёйилиб-ёйилиб кишнади, ёллари ҳурпайиб-ҳурпайиб кишнади.

Адирларга қаради, чорлаб-чорлаб кишнади.

Тарлон қулоқлари чимирилиб-чимирилиб кишнади, пишқириб-пишқириб кишнади.

Қишлоққа қаради, ёлвориб-ёлвориб кишнади, зор-зор кишнади.

Тарлон жиловини силкиб-силкиб кишнади, юлқиб-юлқиб кишнади.

Кейин, мен сари юзланди. Оёқларини катта-катта ёйди. Бўйнини чўзди. тумшуғини чўзди. Қулоқларини чимирди.

Тарлон зинкийди!

Олд туёқлари билан тарсиллатиб-тарсиллатиб ер тирнади. Кексаклаб-кесаклаб ер отди. Туёқлари ости чангиди.

Тарлон қаҳр ҳам изтироб билан кишнади. Оқшом кишнашдан зир титради.

Оқшом, Тарлон кишнашидан, Тарлон кишнаши, оқшомдан-да мунгли бўлди, оқшомдан-да аянчли бўлди.

Учли зарб, чап тиззам кўзига келиб тегди.

Чинқириб юбордим. Кўз олдим қоп-қора бўлди...
— Тепиб ўтирасанми, биқинига тиқиб ол!..
— Э-э-э, от!
— Қоч, от келаяпти!

Шунда, тағин ҳушимга келдим. Оҳиста кўзимни очдим.

Тарлон тумшуғини чўзиб зинкийиб, уларни қувди. Бирини қўйиб, бирини қувди.

Улар ариқдан ҳатлаб қочди. Бирин-кетин машинасига кирди.

Аммо бирови Тарлондан қочиб қутулолмади. Уёққа буриб солди, бўлмади, буёққа буриб солди, бўлмади. Нима қилишини билмади. Охири ердан нимадир олиб, Тарлонни бошига бир урди.

Тарлон бошини силкиб-силкиб оҳисталади.

Униси-да ариқдан ҳатлаб ўтди.

Тарлон-да ариқдан ўтди. Машина олдига келди. Олд туёқлари билан ер тирнаб-эр тирнаб кишнади.

Машина ғизиллаб жўнади.

Тарлон машина кетидан хийла йўлгача чопиб борди. Кейин, изига қайтиб келди.

Ариқдан ўтиб, бошимга келди. Юзларимга тумшуғини теккизиб-теккизиб кўрди. Юзларимни искаб-искаб кўрди.

Мен Тарлон нафасини туйдим. Тумшуғини қўшқўллаб қучоқладим. Жағлари, пешонасини силадим.

Шунда, кафтим ҳўл бўлди. Тер, от тери деб ўйладим. Кафтимни кўзларимга олиб келиб қарадим. Кейин, Тарлонга тикилиброқ қарадим.

Тарлон пешонасидан қон сизди...

Ҳўнграб йиғлаб юбордим. Ўпкамни босайин дедим, босолмадим...

83

Қош қорайди.

Одам одамни танимайдиган бўлди.

Бир амаллаб чап ёнбош бўлдим. Тарлон оёғини қучоқладим. Тиззасига пешонамни қўйдим. Узалиб, олд қопқоғига шапатиладим.

Тарлон елкаларимни искади. Кейин, олд оёқларини аста-аста букди. Тарлон тиззалади!

Мен чап қўлим билан эгар қошидан олдим. Эгарга кўкрагимни бердим. Тимталаниб-тимталаниб эгарга бел бўлиб ётдим. Нафасимни ростлаб олдим. Тағин қимтиниб, оёғимни эгардан оширдим. Тарлонни қучоқлаб олдим.

Тарлон қаддини ростлади.

Шамол бошимни ялаб ўтди. Шунда, бош яланглигимни билдим. Телпагим ерда қолибди.

Тушайин дедим, тағин, минишимни ўйладим. Телпагимга қўл силтадим. Белбоғимни ечиб, бошимни танғиб боғлаб олдим.

Катта йўл четидан юрдим.

Бор бўйича қоронғи тушди. Адирлар қоп-қора соядай бўлди.

Эгарда чайқалиб-чайқалиб, кўнглим шу кечадай зим-зиё бўлиб-бўлиб, ўксиб-ўксиб бордим...

84

Тарлон-ай, нима кунларга қолдинг-а?...

Тушда бўлаяптими, ё ўнгда бўлаяптими?

Сен фарқламасанг, мен фарқлай олмай қолдим, Тарлон...

Ҳалигилар қандай жонзот эди, Тарлон! Син-симбати одамга келбат беради. Уст-бошлари-да бор. Одамга майзаб гапиради, одамга майзаб кулади...

Билмадим, Тарлон, билмадим. Сен билмасанг, мен билмадим. Мен сени биламан, Тарлон. Улар мен учун бегона, Тарлон...

Аё Тарлон, сен менинг укамсан, укам.

Бўлди, мен энди уларни укам демайман. Менинг укам сенсан. Сен менинг укамсан, Тарлон. Ўзи менга ўхшайсан, Тарлон, менга... Укаси акасига ўхшайди-да, Тарлон...

Тарлон укам-ов, энди нима қиламиз? Энди, бола-чақага бориб нима деймиз? Эл сўраса нима деймиз?..

Аё Тарлон, сен менинг жиянимсан, жияним.

Бўлди, мен энди уларни жияним демайман. Менинг жияним сенсан, Тарлон. Сен менга торт¬динг, Тарлон. Жиян тоғасига тортмаса, кимга тортади, Тарлон...

Тарлон жияним-ов, ё йўлда йиқилдик, деймизми? Кўзларинг бор эди-ку, десалар-чи? Ариқ лой экан, тойиб кетдик, деймиз. Бинойими, Тарлон жия¬ним? Бўлмаса, элга эрмак, халққа шалоқ бўламиз...

Аё Тарлон, сен менинг акамсан, акам.

Бўлди, ман энди уларни акам демайман. Менинг акам сенсан, Тарлон. Ука деса дегулик, мендайин уканг бор, ака деса дегулик, сендайин акам бор, нима ғамим бор, Тарлон...

Аё Тарлон, сен менинг биродаримсан, биродарим.

Бўлди, мен энди уларни биродарим демайман. Менинг биродарим сенсан, Тарлон...

Аё Тарлон, сен менинг қиёматлик биродаримсан, қиёматлик биродарим...

1979