OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

1 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифТоғай Мурод
Асар номиОтамдан қолган далалар (I- қисм)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Социалист реализм
Муаллифлар
   - Тоғай Мурод
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Романлар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Нашриёт«Шарқ» нашриёт-матбаа концернининг бош таҳририяти, Тошкент — 1994 йил
Ҳажм379KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2011/07/29
Манбаhttp://forum.ziyouz.com/ind...


Аннотация
«Отамдан қолган далалар»— рамзий роман. Муаллиф ўз романида бутун умр далада кетмон чопиб, серқуёш юртида елкаси офтоб кўрмаган, қут-баракот юртида косаси оқармаган мунис ўзбек халқи сиймосини Деҳқонқул тимсолида бадиий талқин этади.


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Mundarija

Logo.png





Отамдан қолган далалар (I- қисм)
Тоғай Мурод

«
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти
аъзоси — Озод Ўзбекистон
учун битдим.

Муаллиф
»

Биринчи боб

1

Мен фарғоначи Жамолиддин кетмон набираси бўламан.

2

Бобомиз ҳовлиси Фарғонада бўлади.

Даласи Фарғона адоғида бўлади.

Бобомиз даласи олдидан бир ариқ сув оқади.

Сув гавҳар зилол-гавҳар зилол сув бўлади.

Сув эгилмиш толлар мажнун-мажнун солланади.

Ариқ ўнгида шаҳардан келажак йўл бўлади.

Йўл ариқ ёқалаб ўтади. Йўл мажнунтол соялаб ўтади.

Бобомиз ана шу йўлдан саҳар-саҳар далалайди.

Толга хуржун илади. Таҳорат олади. Қиблалатиб белбоғ ёяди.

Чўлпон юлдуз пойида қулоқ қоқади. Чўлпон юлдуз пойида сажда этади.

3

Бобомизда нима бўлади — кетмон бўлади. Кетмон эмас — бир балои бад бўлади!
— Жамолиддинни кетмони даласидай келади! — дейди эл.

Эл қаерда қандай улкан нима кўрса бўлди—бобомиз кетмонига нисбат беради.
— Ол-а, Жамолиддинни кетмонидай келади-я! — дейди эл.

4

Бобомиз урмиш кетмонни ўзидан ўзга ердан тортпб ололмайди.

Бобомиз калима қайтариб-қайтариб кетмон чопади. Худони ёдлаб-ёдлаб кетмон чопади. Худога шукрона айтиб-айтиб кетмон чопади.

Йўлдан ўткич-кеткичлар бобомизга ҳорманг этади.

Бобомиз йўлга қиё-да боқмайди. Даладан бош кўтармайин бор бўлинг, этади.

Шу боис, йўлдан ким ўтади-ким кетади — билмайди. Билгиси-да келмайди. Ким бўлса-да — бир мўмин, мусулмон-да, дейди.

5

Саратон жингиртоб-жингиртоб куйдирмиш бир маҳал йўлдан ажабтовур овозлар эшитилади.

Ажабтовур овозлар ўз йўлида кета беради. Бир оғиз ҳорманг этмайди.

Шунда, бобомиз кетмонини ер ботиради. Энгашмиш кўйи тиззаларига кафт тирайди. Ер остидан йўлга кўз ташлайди.

Бобомиз кўзимга тер томди-ёв, дея ўйлайди. Қўли юзи билан кўзларини артади.

Бобомиз бошқатдан қарайди.

Во дариғо, шу кўринмиш ажина бўлдими? Ҳа, йўғ-а! Умри шу далада ўтди — бир нима-да кўрмади.

Ё, шу кўринмиш туш бўлдими? Ҳ-а, йўғ-а! Ўлик-тирик сергак вақт-а!

Мусичалар узиб-узиб ку-кулайди.

Кун ёнади.

Саратон сап-сариқ товланади.

Ўткинчи балолар саратондай сап-сариқ бўлади.

Саратон балолардан сариқ бўлади, балолар саратондан-да сариқ бўлади.

Бобомиз қад ростлаб қарайди. Йўлга бетма-бет бўлиб қарайди. Ўнг кафтини қоши узра соябон қилиб қарайди.

Бобомиз пичир-пичир калима қайтаради. Кетмонини елка ола-ола қадамлайди.

Ариқ лабида ювиниб-чайинади. Хуржунидан тушлигини олади. Ариқ бўйида ёяди.

Бобомиз чордона қуриб ўтиради. Ариққа нон ботириб-нон ботириб тушлик қилади. Ариқдан қўшҳовучлаб-қўшҳовучлаб сув олиб тушлик қилади.

6

Кун қиёмдан-қиём бўлади.

Йўлдан Салоҳиддин бўйрачи ўтади.

Бобомиз бўйрачини гапга солади.
— Сиздан олдин ашиёққа бир бало ўтди, — дейди бобомиз.

Салоҳиддин бўйрачи ариқ ўнгида оёқ илади.
— Ажина бўлиб ажина бўлмади, одам бўлиб одам бўлмади, — дейди бобомиз.

Бўйрачи ариқ бўйида соялайди. Бобомиз билан муқобил бўлади.
— Кўрдим, Кетмон, кўрдим, — дейди бўйрачи. — Ўзимни йўлдан четга олиб турдим.
— Нега-нега?
— Ғайридинлар билан йўлим бир бўлмасин, дедим-да.
— Бизнинг кўчамизда ғайридинлар... еб юрибдими?
— Э-э, Кетмон, Кетмон. Сенга кетмон бўлса бўлди. Сен ҳам одамдай бўлиб, кетмондан бош кўтарсанг экан, дунёдан хабардор бўлсанг.
— Мана, кетмондан бошимни олиб ўтирибман?
— Қорнинг очгандир-да. Бўлмаса, кетмондан бош кўтарармидинг.

Салоҳидин бўйрачи шундай дея, йўл бош-адоғига қараб олади. Бобомиз, олдига лик этиб сапчиб ўтади. Бобомиз қабатига чўкади. Бобомиз билан елкама-елка бўлади.
— Фарғонаға Оқпошшо келди, — дея пичирлайди.
— Муллалар Оқпошшо бизни ололмайди, деятиб эди-ю?
— Олибди-да.
— Қўқондан Олимқули лашкарбоши Чимканга лашкар тортиб кетибди, деятиб эди-ю?
— Олибди, олибди. Ололмас экан-у, Бухоро амири Музаффархон ўтириб қўйибди. Олимқули лашкарбоши Чимканда Оқпошшо елкасини ерга теккизибди. Оқпошшолиларни битта қўймай қиличдан ўтказмоқчи бўлиб турса, Музаффархон бизнинг Қўқонга дафъа қилибди.
— Бўламан дегич эл, бир-бирини ботирим дейди, бўлмайман дегич эл, бир-бирини этини ейди.
— Олимқули лашкарбоши ғазот майдонини ташлаб, ўзимизнинг Қўқонни ўзимизнинг Бухоро амири билан мудофаалаш учун қайтиб келибди. Оқпошшо бундан фойдаланибди. Чалажон оқ лашкарлар тағин дафъа қилибди. Олдин Чимканни олибди, кейин Тошканни олибди.
— Ҳа, тавқи лаънатлар! Тошканниям олибдими-а?
— Олибди, Тошканниям олибди. Саидазимбой дегич савдогар бой Оқпошшога Тошканни сотибди. Тошканда Кайковус дегич улкан бир ариқ бор экан. Тошкан ёлғиз ана шу Кайковусдан сувлар экан, Саидазимбой Оқпошшога ана шу Кайковусни чиппа бўғиб, Чирчиққа буриб юборишни маслаҳат берибди. Оқпошшо Саидазимбой гапи билан Кайковусни чаппа қайириб, Чирчиққа оқизибди. Ана шундан Тошкан қирқ икки кеча-кундуз сувсиз қолибди. Халқ ҳолдан тойиб, Тошканни мудофаа қилолмай қолибди. Оқпошшо саҳарлайин Тошканни босибди.
— Ила-била, Қўқонгача келибдими-а?
— Тошкан билан Қўқон ораси икки қош оралиғидай келади. Етиб келади-да. Ўзимизнинг Қўқон хони ҳе йўқ, бе йўқ, шаҳар дарвозасини очиб берибди. Марҳамати учун Оқпошшодан «Аслзода» фахрия унвони олибди, нишон олибди...

Бобомиз чапараста-чапараста сўкади:
— Ҳе, эна...!

7

Худо бермиш кун бўлади — йўлда Оқподшо бўлади.

Бобомиз Оқподшога кет буриб кетмон чопади. Бобомиз Оқподшога терс бўлиб кетмон чопади.

Бобомиз Оқподшо бетини кўрмайин-да, куймайин-да, дейди.

Оқподшо арава миниб ўтади. Оқподшо соз чалиб ўтади. Оқподшо ашула айтиб ўтади. Оқподшо ҳуштак чалиб ўтади.

Бобомиз шунда-да Оқподшо бетига қайрилиб қарамайди. Энкаймиш кўйи бутлари орасидан мўралайди.

Оқподшо оёқлари осмонда бўлиб кўринади, бошлари ерда бўлиб кўринади.

Оқподшо олабўжи бўлиб кўринади!

Бобомиз тушликда-да Оқподшога кет буриб ўтиради.

Даласига юз солиб-юз солиб тушлик қилади.

Оқподшолик арава ариқ ёқасида оёқ илади.

Аравадан тап-тап Оқподшо тушади.

Бобомиз Оқподшо тарафга кўз қирида қарайди. Шунда ажаб синоат кўради.

Бир жуфт оқбадан-оқбадан олабўжи дала оралаб боради. Олдин-кетин боради. Ғоз-ғоз боради.

Оқбадан олабўжилар боради-боради — дала киндигида оёқ илади. Ғоз туради-туради — узала тушиб ётиб олади.

Бобомиз кўзларини юмиб-очиб қарайди. Бобомиз кўзларини пирпиратиб қарайди.
— Ё, тавба-а! — дейди.

Бобомиз оҳиста-оҳиста тўркалади. Кетмонини елка олади. Сўқмоқ бўйлаб боради.

Бобомиз бир капа жойни кафтдай поллаб эди. Тупроғини кафтларида эзиб-эзиб майдалаб эди. Кепакдай-кепакдай мулойимлаб эди. Кепак тупроққа дон сепиб-сепиб ташлаб эди. Чумчуқ териб кетмасин дея, кепак тупроқ узра ун мисол тупроқ сепиб-сепиб қўйиб эди.

Ана шу кепак тупроқда, ана шу ун тупроқда бир жуфт Оқподшо ялпайиб-ялпайиб ётади!

Оқподшо қип-яланғоч ётади! Оқподшо онадан энди туғилмишдай ётади!

Эркакзот Оқподшода ақалли бир энлик лунги бўлмайди.

Аёлзот Оқподшо маммалари осма қовундай-осма қовундай осилиб ётади.

Бобомиз билаклари билан бетларини бекитади.
— Ийя-ийя! — деб чаппа бурилади. Оқподшолар ана шунда калла кўтариб қарайди.

Ёнбош ётиб қарайди. Кўз қисиб қарайди. Эркакзот Оқподшо кафтида тупроқ ўйнайди.
— Тупроғингни биз учун мулойимлаб қўйибсан, миннатдорчилик билдирамиз, — дейди.
— Юриб-юриб, охири сенинг тупроғингни танладик. Бахтинг бор экан, — дейди аёлзот Оқподшо.
— Ўзиям бизбоп тупроқ бўлибди-да.
— Ана энди, қуёшда мазза қилиб тобланиб ётамиз.
— Нима учун юзингни яширасан? Сен ҳам қуёшда тоблан.

Бобомиз шу зайли лўкиллаб-лўкиллаб қайта беради.

Бобомиз ариқ лабида музтар бўлиб-музтар бўлиб ўтиради. Бетларини чангаллаб-чангаллаб ўтиради.

Бобомиз нима кўрди, қачон кўрди — ақли-да бовар этмайди.

Оқподшолар жойидан жилади. Далани қоқ оралаб келади. Ўзларини сувга ташлайди.

Оқподшолар сув шалоплатиб-сув шалоплатиб чўмилади.

Оқподшолар бобомизга тақлидан билаклари билан бетларини бекитади.

Ийя-ийя! — дея, бобомизни майна этиб-этиб сув ғарқоб бўлади. — Ийя-ийя! — дея хохолашиб-хохолашиб сув ғарқоб бўлади.

Оқподшолар қийқириб-қийқириб чўмилади.

Толларда тушламиш чумчуқлар гурр-гурр учади.

Гавҳар сув бўтана бўлади.

8

Шу-шу бўлади — бобомиз даласи юзини қайтиб кўрмас бўлади.
— Тоққа кетаман, — дейди бобомиз. — Тоғдан ер оламан.
— Тоғ олис-да, — дея минғиллайди момомиз.
— Олис бўлса бўлар. Ана, тоғдан ер олиб ишлаяптилар. Ўлиб қолмаяптилар.
— Энди дейман-да, олисни шўрвасидан яқинни ёвғони, дейман-да.
— Даламда мусулмон оёқ босар ер қолмади. Даламда деҳқон оёқ босар ер қолмади. Бўлди, энди қайтиб оёқ босмайман.
— Далада нима айб.
— Кофир юмалаб ётар далада файз қоладими?

Момомиз қувватламиш бўлиб бош ирғайди.
— Танасида мана мунча либоси бўлса, ўлсин агар! — дейди бобомиз. — Бир жойлари даламда мана бундай диркиллаб турибди!

Момомиз оғзини ушлаб-ушлаб кулади.
— Бир ётса, ётибди-да.
— Бўлди, энди у даладан барака кўтарилди.
— Босиб-босиб сувланг. Сув нималарни ювмайди.
— Сув? Сув қолдими! Оқ тўнғиздай ариқ ағнай бериб, сувни-да ҳаромлади! Ит-да ариқ лабидан ялаб-ялаб сув ичади! Оқподшо бўлса, оқ тўнғиздай ариқ ағнади!

Момомиз гап билан андармон бўлиб билмайди.

Кўйлак этаклари йиғилади-йнғилади — тиззалаб боради. Тағин йиғилади-йиғилади— тиззадан сонлаб-сонлаб боради.

Момомиз лозим улоғлари намойиш бўлади. Бобомиз бўш пиёлани зарда билан тўнтариб ташлайди. Лик этиб жойидан туради.
— Этагингизни ёпсангиз бўлмайдими? — дея ўшқиради. — Нима, Оқпошшомидингиз?

9

Бобомиз тоғлаб боролмай қолади.

Ҳуфтон вақти-ҳуфтон вақти гузардан аччиқ-аччиқ бақириқ-чақириқ келади.

Бобомиз нима гап, дея чопқиллаб-чопқиллаб боради.

Гузар олатўполон бўлади. Гузар олатасир бўлади.
— Ғазот, ғазот!
— Муҳораба, муҳораба!

Бобомиз ўз дардини ўзи туяди. Бобомиз ўз куйигини ўзи туяди.

Гап йўқ, сўз йўқ — қинидан пичоғини олади.

Биров пичоқ олади. Биров таёқ олади. Биров тош олади.

Эл оқкалтак-қоракалтак бўлади.

Эл мулла Намозни оппоқ кигиз солади. Кигиз тўрт бурчидан олади.

Эл кигиз кўтариб-кўтариб такбир айтади. Эл кигиз кўтариб-кўтариб зикри самоъ айтади.

Эл ушбу кигиздайин оппоқ от етаклаб келади.

Эл мулла Намозни ана шу оппоқ кигиздан ана шу оппоқ отга миндиради.
— Пирим, йўл бошласинлар! — дейди. Мулла Намоз оқ отда кафт очади. Эл ёппа барака омин қилади. Мулла Намоз оқ отда йўл олади.

Эл кўтарилади. Эл оқ отлиқ кетидан йўл олади.

Йўлда ушоқдай Ибодин соқов қатиқ сотади. Элга кадида қатиқ тутади. «Ап-ап-ап», дейди.

«Қатиқдан ичиб кетинглар, қатиқдан», демоқчи бўлади.

Алвир-шалвир Ибодин соқов Ҳаётхон дегич момонинг ёлғиз ўғли бўлади. Туғма соқов Ибодин илжайиб-илжайиб юради. Бақрайиб-бақрайиб юради.

Елғиз ўғил Ибодин, соқов ўғил Ибодин, қатиқ сотиб она боқади.

Эл Ибодин соқовни айланиб ўтади. Эл Ибодин соқовни йўлдан қоч, дея туртиб ўтади.

Ибодин соқов кети билан ўтириб қолади.

Бобомиз ушоқдай Ибодин соқовни даст кўтариб, чет олади. Ўнгири билан бет-бошини артади. Қатиғини бир кўтаришда ичади. Қўлига чақа беради. Елкасига қоқа-қоқа уйига жўнатади.

Эл Оқподшо қароргоҳилаб келгуничайин олақароқ тун бўлади.

Эл ўқлоғдай-ўқлоғдай чўян панжаралар билан ўралмиш қароргоҳни ўраб олади.

Оқ отлиқ қароргоҳ эшигидан от қўяди.

Оқкалтак-қоракалтак эл-да ўзларини эшик уради.

Эшикоғалар данг қотиб қолади. Отишларини-да билмайди, отмасларини-да билмайди.

Эшикдан бошлаб қон тўкилади.

Эл иккита эшикоғани-да пичоқлаб ўлдиради.

Эл ичкарида оёқ узатиб ётмиш Оқподшоларни жойида босади.

Эл Оқподшони бўғиб-бўғиб ўлдиради. Эл Оқподшони бўғизлаб-бўғизлаб ўлдиради. Эл Оқподшони пичоқлаб-пичоқлаб ўлдиради.

Қароргоҳда тирик жон қолмайди.

Ана энди қароргоҳга ўт қўйиб юборажак бўладилар.
— Минбаъд, мусулмонлар, минбаъд! — дея амр беради оқ отлиқ. — Бу иморатни Оқпошшо Петербургдан олиб келмади! Бу иморат ўзнмизнинг иморатдир! Онқадарким, Оқпошшо келиб жойлашиб олди! Шундай экан, минбаъд иморатга зиён бермангиз.

Эл тутантириқни оёқ остига ташлайди. Тепкилаб-тепкилаб ўчиради.
— Мусулмонлар — зафарона дайди оқ отлиқ. — Мана, Оқпошшони ер билан яксон этдик! Эл-юртимизни Оқпошшодан озод этдик! Алҳол, энди ўз юртларингизга ўзларингиз бек бўлиб кун кечиргайсизлар!

Эл шод-хуррамлигини шойи этиш учун карнай-сурнай йўқлайди.

Зим-зиё тунда карнай-сурнай қани?

Шунда эл ҳовучлари билан карнай чалади. Ҳовучлари билан сурнай чалади. Ҳовучлари бнлан сибизға чалади.

Ғафлатда ётмишлар уйларидан ташқарилайди. Аланг-жаланг бўлади.
— Нима бўлди? — дейди.

Эл зафарларини шойи этади:
— Ўз юртимизни қайтиб олдик!
— Оқпошшони пичоқдан ўтказдик!

Эл ана шундай кайфиятда тарқалади.

10

Оқпошшо келади — ана энди келади!

Фарғонани Оқподшо босади.

Оқподшо шаҳар оралайди.

Шаҳарда тирик жон бўлади — гузар ҳайдайди.

Оқподшо бобомиз уйини-да босади. Момомиз билагидан олиб отади.

Момомиз жалп этиб ташқари тушади.

Момомиз уввос-уввос йиғлайди. Момомиз ер таяниб турайин, дейди — туролмайди.

Оқподшо момомиз сочидан бурайди. Оқподшо момомиз сочидан судрайди.

Момо ер қучиб-қучиб йиғлайди. Момомиз ер тирнаб-тирнаб йиғлайди.

Момомиз қонқора қақшайди.
— Ўлдим, ўлдим-а!.. — дея вовайло этади.

Момомиз нимкала соз-нимкала соз оёқ олади. Момомиз мункиб-мункиб одимлайди. Момомиз алпон-талпон одимлайди.

Кетидан ушоқ ўғлонлари ияради.

Олдиларидан Ибодин соқов келиб қолади. Қўлтиғида бир кади қатиқ бўлади.

Ибодин соқов элга илжайиб-илжайиб ўтади. Ибодин соқов Оқподшога бақрайиб-бақрайиб ўтади.

Оқподшо биров-бировига қараб олади. Ажабона-ажабона елка қисади.
— Эй, чучела, йўл бўлсин? — дейди. Ибодин соқов илжайиб-илжайиб ўта беради.
— Эй, чучела, сенга айтаяпман?!

Ибодин соқов Оқподшога қайрилиб-да қарамайди. Бақрайиб-бақрайиб ўта беради.

Оқподшо отини йўрттириб боради. Ибодин соқов олдини олади.

Ибодин соқов от тумшуғига илжайиб қарайди. Отлиқ подшога илжайиб қарайди. Отлиқни айланиб ўтарман бўлади.

Шунда, бошқа бир отлиқ тўғаноқ бўлади.

Ибодин соқов бир ўнг отлиққа илжаяди, бир чап отлиққа илжаяди. Бўш қўлини гузар тараф «ниш» этади. «У-у-у», дейди:

«Ҳай, анави гузарга кетаяпман».

Сўғин, қўлтиғидаги қатиққа ишора беради:

«Қатиқ олиб кетаяпман».

Оқподшо қатиққа эгилиб қарайди.
— Қатиғини олиб ичамизми? — дейди.
— Қўй-е, буларни қатиғини ичиб бўладими!
— Ким билади, энасини соғиб қатиқ қиладими! Оқподшо қамчи сопини Ибодин соқов пешонасига нуқилайди.
— Олдимга туш! — дея зуғумлайди.

Ибодин соқов элга бир қараб олади. Бошини сарак-сарак этади. «Па-па-па», дейди:

«Эл олдидан ўтдим, бировиям қатиқ сўрамади».

Ибодин соқов илжайиб-илжайиб тура беради. «Ав-ав-ав», дейди:

«Энди гузарга бораман. Гузарда қатиқ кетади».

Оқподшо кадига эгилиб қарайди. Қатиққа тупуради. Балғамлаб-балғамлаб тупуради:
— Туф, аҳ, туф!

Оқподшо этик учи билан Ибодин соқов иягига туртади.
— Бўлдими, чучела? — дейди. — Қани, энди юр.

Ибодин соқов бир қатиққа қарайди, бир Оқподшога қарайди. Лабларини буради-буради...ҳўнграб йиғлаб юборади. Қатиғини кўрсатиб-кўрсатиб йиғлайди: «Эа-эа-эа», дейди:

«Энди, аямга нима дейман?»

Ибодин соқов йиғлайди-йиғлайди... қатиғини Оқподшога сепиб юборади. Забт билан уйи тараф қочади.
— Тўхта, чучела!
— Тўхта дейман!

Ибодин соқов пир-пир чопиб қўя беради.

Шунда, Оқподшо милтиқ пешлайди. Ибодин соқов чуйдасини кўзлайди.

Ўқ дол нишонлайди.

Жулдур-жулдур Ибодин соқов чалпак бўлиб учади.

Оқподшо от йўрттириб боради.

Иркит-иркит Ибодин соқов юзлари илжая-илжая сўлади.

Иркит-иркит Ибодин соқов кўзлари бақрая-бақрая сўнади...

«Энди... аямга нима дейман?»

11

Ёрмозорда муҳташам бир масжид-мадраса бўлади.

Оқподшо мўмин-мазлумни ана шу Ёрмозор масжид-мадраса қошида тўдалайди.

Мўмин-мазлум мунғайиб-мунғайиб туради. Мўмин мазлум жовдираб-жовдираб туради.

Мўмин-мазлум бир-бирови кўксига йиғлайди. Мўмин-мазлум бир-бирови елкасига йиғлайди.

Мўмин-мазлум узун кун ана шундай туради.

12

Генерал Скобелев кунботарда ташриф этади.

Шақоватпаноҳ тўралар билан фалокатмаоб ҳокимлар ҳамроҳлигида келади.

Генерал Скобелев мўмин-мазлум узра қаҳр билан кариллайди:
— Сарт-собакалар — дейди. — Ораларингдан бир нобакор сарт олампаноҳ олий ҳазратларига қўл кўтарди! Иғтишо ҳам исён қилди! Ўрусия салтанатининг ўнта муаззам аскарини шаҳид этиб, ғозий бўлди! Ул нобакор — мулла Намоздир! Мулла Намоз осия бўлди! Мулла Намоз боғий бўлди! Биз ул осий ҳам боғийни бугун тополмадик, эрта-индин албатта топамиз! Сиз ул нобакорни топишда олампаноҳ олий ҳазратларига мадад берингиз! Қўрқмангиз, олампаноҳ ул осий ҳам боғий банда қонидан кечади!

Мўмин-мазлум сукутда қолади. Мўмин-мазлум нафас ютади.

Генерал Скобелев карр-карр этади:
— Осийлик ҳам боғийлик кимдан қўзғолди — биламиз! Аммо бу нонкўрлик қаерда қўзғолди? Жавоб берингиз! Полковник Чайковский.
— Лаббай-лаббай?

Генерал Скобелев кетида мулла мушук бўлиб турмиш Чайковский лип этиб олға ўтади.
— Лаббай, тақсир, лаббай? — дейди.
— Айтингиз, бу осийлик ҳам боғийлик қаерда қўзғолди?

Чайковский боши билан муҳташам бинога имо беради.
— Манави чолдеворхонада қўзғолди, жаноби олийлари, — дейди.
— Бу қандай чолдеворхона бўлди?
— Бу масжид бўлди, жаноби олийлари!
— Осийлик ила масжид орасида не муштараклик бўлди?
— Мулла Намоз ана шу масжид имом хатиби, жаноби олийлари.
— Осий банда мулла Намозни оқ кигизга ўтирғизувчи муридлари ана шу масжидда тоат-ибодатланади, дейсиз-да?
— Топдингиз, жаноби олийлари, топдингиз.
— Масала равшан бўлди!

Генерал Скобелев узанги йўлдошлари билан машваратлашади.

13

Оқподшо мўмин-мазлумни йўл ўнгига ҳайдаб ўтади.

Оқподшо қўқони аравасимон учта тўп судраб келади.

Генерал Скобелев мўмин-мазлум билан тўплар оралиғида туради. От гижинглатиб-от гижинглатиб туради.
— Сарт-собакалар! — дейди. — Ўрусия подшо ҳазратлари ўз истибдод салтанати қувваи қудратини кўз-кўз этмоқ учун тўп отади! Тўп отиш билан ҳам-оҳанг намоз ўқилади! Амр этувчи ўзим бўламан!

Генерал Скобелев тўпчиларга амр беради:
— Тўплар шайлансин! Тўплар шарақ-шуруқ бўлади.

Генерал Скобелев мўмин-мазлумга амр этади:
— Ётилсин! Юзлар ерга қўйилсин! Қулоқлар ёпилсин! Намоз ўқилсин!

Мўмин-мазлум масжидга руку этади. Мўмин-мазлум ер чўккалайди. Мўмин-мазлум пешонасини ер қўяди — мисоли намоз ўқимиш бўлади.
— Ноғоралар чалинсин!

Ноғорачилар бодратиб-бодратиб ноғора чалади.
— Отилсин!

Учта тўп бирваракай отади. Гумбур-гумбур отади. Масжид қуюқ-қуюқ тутунда қолади.
— Турилсин!

Мўмин-мазлум ердан бош олади. Мўмин-мазлум қўл қовуштириб-қўл қовуштириб туради.
— Отишга шайлансин!

Тўплар жангир-жунгур ўқланади.
— Ётилсин!

Мўмин-мазлум тағин пешонасини ер қўяди. Мўмин-мазлум тағин қулоқ-чаккасини ушлайди.
— Отилсин!

Масжид қоп-қора тўпон бўлади.

Ноғорачилар бодратиб-бодратиб ноғора чалади.

Шунда, бир нуроний чол мазлумни ёриб-ёриб олдинлайди. Нуроний чол йўлида ғов бўлмиш милтиқ-тиғларни қайириб-қайириб олдинлайди.

Нуроний чол генерални кўзлаб келади. Нуроний чол генерал этигига кафт қўяди.

Генерал Скобелев этиги билан нуроний чол ияк-соқолидан итариб ташлайди.
— Йўқол, сарт-собака, этигимни ҳаром этасан! — дейди генерал Скобелев. — Мен, сен сарт-собакаларни этигим пошнасига олмайман!

Нуроний чол далбанглаб-далбанглаб боради-боради — кети билан ўтириб қолади.
— Капитан Кайшовский! — йўқлайди генерал. — Кайшовский дейман! Манави қари сарт-собака ким бўлди?

Кайшовский ҳадаҳалаб-ҳадаҳалаб боради. Генерал Скобелев узангиси олдида мулла мушук бўлади.
— Умархон эшон, жаноби олийлари, Умархон эшон! —дейди.
— Эшон тугул, — дейди генерал Скобелев. — Муҳамад Пайғамбар бўлсаям, этигим пошнасига олмайман!
— Ажаб қиласиз, жаноби олийлари, хўп ажаб қиласиз!
— Сўрангиз, қари сарт-собака нима мақсадда этигимга осилади?

Кайшовский Умархон эшонни генерал Скобелев узангиси қошида бетма-бет этади.
— Ҳа-а, эшон? — дея зуғумлайди генерал. — Нима дейсан?

Умархон эшон қалт-қалт этади. Умархон эшон дудуқлана-дудуқлана айтади:
— Тақсир... — дейди, — тақсир, мен бир кам саксонда бўлдим...
— Ақл ёшда эмас, ақл бошда, эшон! — дейди генерал Скобелев. — Мен ўттиз ёшимда Хивани тиз чўктирдим! Мана, ўттиз икки ёшимда Қўқонни тариқдай тирқиратдим! Саксонни уриб қўйиб, сен нимани қотирдинг?
— Офарин, тақсир, офарин, ўттизида эр атанган, қирқида шер атанар, дейдилар. Тақсир, мен бир кам саксонда...
— Масала равшан бўлди: саксон ёшимни ҳурмат эт, демоқчисан-да? Эшон, туземецлар ўзидан бир ёш катта бўлсаям ҳурматини бажо этади. Бобо, дейди, момо, дейди. Опа, дейди, ака, дейди. Туземецлар ўзидан бир ёш катта бўлсаям сиз-сизлаб мурожаат этади. Туземецлар ўзидан ёши катталарга қўлини кўксига қўйиб салом беради, йўл беради, жой беради. Эшон, биз Улуғ Ўрусиямиз! Улуғ Ўрусия ёш билан қарини билмайди! У ўз оти ўзи билан — Улуғ Ўрусия! Бўлди, энди туземецча урф-одатларингни йўқ этамиз! Энди Улуғ Ўрусия урф-одатларини қабул этасан!
— Тақсир, мен ёшимни пешламоқчи эмас эдим. Мен... саксон ёшли бир мўйсафид, калом учун ижозат тиламоқчи эдим.
— Ижозат, айтингиз!
— Тақсир... Сиз тўпга тутажак даргоҳ масжид...
— Масжид бўлса нима бўпти?
— Масжид Худои таоло даргоҳидур, тақсир. Худои таоло даргоҳидур.
— Ол-а, эшон, ол-а! Ислом дини Туркистонга VIII асрда келди, VIII асрда! Ислом Туркистонда ўн асрдан зиёд ҳукмронлик қилди, ўн асрдан зиёд! Бўлди, етар энди! Энди Улуғ Ўрусия ҳукмронлик қилади, Улуғ Ўрусия! Улуғ Ўрусия Молия вазири Вишнегородский жаноблари нуқтадонлик ила башорат этганларидай, Туркистон — Ўрусия тожидаги олий қиммат дур бўлади! XIX аср — Улуғ Ўрусия асри бўлади!
— Қадамларига ҳасанот, тақсир, қадамларига ҳасанот. Аммо-лекин масжидимизни тўпон этсалар, мўмин-мусулмонлар қаерда фасоҳат ҳам балоғат сабоғин оладурлар, тақсир?
— Ўрис-тузем мактабларида сабоқ оласан! Петербургдан миссионер Остроумов жаноблари келмоқдалар! Миссионер Остроумов! Остроумов демак — нима демак, биласанми? Остроумов жаноблари ўз отлари ўзлари билан ўткир ақл соҳиби! Ўткир ақл соҳиби Остроумов ўрис-тузем мактаблари дастурил-амалини тузмоқдалар! Жаноб Остроумов ҳализамон ўз дастуриламали билан келиб қоладилар! Туркистонда ўрис-тузем мактаблари очадилар! Сен энди ўрис-тузем мактабларида Улуғ Ўрис имлосини ўқийсан! Сарт-собакача итдум имлонгни ёндириб ташлаймиз! Туркий тилларни йўқ этиб ташлаймиз!
— Бажонидил, тақсир, бажонидил, Оқпошшо ҳазратлари рушду ҳидоят этсалар, ўқурмиз. Аммо-лекин мўмин-мусулмонлар масжидида нафақат сабоқ оладурлар...
— Биламан, эшон, биламан! — чўрт бўлади генерал. — Энди... черковда тоат-ибодат этасан! Масжидларни йўқ этамиз — черковлар қурамиз! Ана, Тўхтамишхон нўғайлари! Нўғайлар Улуғ Ўрис черковларида чўқинмоқда! Бўлмаса, кимсан Тўхтамишхон авлодлари! Энди сени чўқинтирамиз!
— Бажонидил, тақсир, бажонидил. Оқпошшо ҳазратлари азму ихтиёр айлаганларидай бўла қолсин. Аммо-лекин аҳли халқ кўзида Худои таоло даргоҳвни тўпга тутсалар, халқ қарғайдур, тақсир, халқ қарғайдур.
— Халқ?!
— Шундай, тақоир, шундай. Халқ қўлласа — бор бўладур, халқ қарғаса — хор бўладур.
— Қанақа халқ?!
— Ул мўлт-мўлт қора кўзлар оти — халқдур, тақсир. Халқ бор — ҳақ бор.

Генерал Скобелев димоқ-димоғида кулади.
— Ол-а, эшон, ол-а! — дейди. — Булар пода, эшон, пода! Булар олдин подадан одамга айланмоғи лозим бўлади! Одамдан оломонга айланмоғи лозим бўлади! Оломондан эса, халққа айланмоғи лозим бўлади! Демак, булар халқ бўлиш учун иккита-учта босқични босиб ўтмоқлари даркор бўлади! Биласанми, эшон, Улуғ Ўрусия нима учун ёввойидан-ёввойи Осиёга ташриф буюрди? Манави сарт-собакаларни одамга айлантириш учун ташриф буюрди! Улуғ Ўрусия олдида сарт-собакадан инсон яратишдай башарий ҳам савоб иш турибди! Улуғ Ўрусия салтанати — халоскор салтанат!

Генерал Скобелев кариллайди-кариллайди — тиззаси билан отини ниқтайди. Умархон эшондан беш-олти одим олислаб оёқ илади.
— Отишга шайлансин! — дейди. — Ётилсин! Намоз ўқилсин!

Ноғорачилар бодратиб-бодратиб ноғора чалади.
— Отилсин!

Худодаргоҳ кунпаякун бўлади.

14

Бобомиз тоғда дала танлайди-танлайди — бинойидай дала тополмайди.

Бари ер кетмон кўрмаган ер бўлади.

Шунда, Қурбон қорақирғиз ўз даласини беради.
— Ана, ол, ўзбак, — дейди Қурбон. — Қорақирғизда дала бўлмайди. Дала ўзбакда бўлади. Қорақирғизда мол бўлади. Қорақирғиз қир-адирда мол боқади. Ўзбак дашт-далада экин экади.

Бобомиз Қурбон қорақирғизни қуруқ қўймайин дея, қўйин ковлайди.

Қурбон қорақирғиз бобомиз билагидан ушлайди.
— Тек ўтир, ўзбак, тек ўтир, — дейди. — Ўзбак қўйнида бўлди нима, қорақирғиз қўйнида бўлди нима.

15

Бобомиз узун кун кетмон чопади. «Бўлди, энди Оқиодшо йўқ бўлди». Бобомиз ана шундай ишонч билан кетмон чопади. Бобомиз олам бехабар бўлади.

16

Оқподшо қадамба-қадам кўради. Адирма-адир кўради. Қирма-қир кўради.

Тоғлаб-тоғлаб кўради.

Охир-оқибат — бобомиз даласини топиб келади.

Бобомиз аланг-жаланг бўлиб қолади. Бобомиз довдираб-довдираб қолади.

Аммо сир бой бермайди. Мезбон мисол бош ирғаб тура беради. Мезбон мисол қўл қовуштириб тура беради.
— Отинг Жамолиддин кетмон-а? — дейди Оқподшо.

Бобомиз ҳа, дейишини-да билмайди, йўқ, дейишини-да билмайди.

Оқподшо бобомиз қўлларини кетига қайириб бойлайди.

Ана шунда бобомиз Оқподшо кетида турмиш Холиқул мингбоши тилмочини таниб қолади. Тайин, мени шу Асҳал нўғай ушлаб бердиёв, дея ўйлайди.
— Сенга нима эди, нўғай? — дейди бобомиз. — Сен тўққиз қайтганга нима эди?
— Мен бир тилмочман, Кетмон, қул тилмочман.
— Шу кунингдан кўра, кет юртингга, тўққиз қайтган, кет!
— Қозон Фарғонадан-да қул, Кетмон. Оқподшо бобомиз кетидан милтиқ ўқталиб-ўқталиб юради.

Бобомиз шудгор оралаб юради.

Оқподшо-да шудгор оралайди.

Ана шунда бобомиз бардоши дош беролмайди. Ғазабнок қайрилиб қарайди.
— Ай, кофир! — дейди. — Бир даламни ҳаром қилдинг! Энди бу даламни-да булғама!
— Нима-нима?
— Даламни қадамлаб булғама, дейман! Оқподшо анграяди-анграяди — бир нима-да англамайди. Ер анграйиб қарайди. Ерда тупроқдан бошқа нима тополмайди.

Оқподшо ердан бир сиқим тупроқ олади.
— Ана тупроқ, мана тупроқ! — дейди. — Бўрсилдоқ тупроқ, мағиздор тупроқ, ҳосилдор тупроқ! Тупроқмисан-тупроқ! Аммо бу тупроқ сеники эмас, чучела, сенинг тупроғинг эмас!

Бобомиз кўнгли бир увишиб олади.

«Оқпошшо билибди, Қурбон қорақирғиз даласилигини билиб қолибди, — дея хаёлланади. — Бировнинг моли мол бўлмайди деб шуни айтадилар-да».

Шундай бўлса-да, бобомиз қўрққан олдин мушт кўтарар қилади:
— Меники бўлмай, кимники бўлади? — дейди.
— Бу тупроқ...

Оқподшо гапини тополмай қолади. Кетига қайрилиб қарайди. Бармоқларини қирс-қирс ўйнатиб, йўлдошидан сўрайди:
— Духовский, кунпаякун масжид олдида генерал Скобелев жаноблари бир бало вазир деятиб эдилар...
— Эсимда йўқ, Назаров, эсимда йўқ, — дея елка қисади йўлдоши. — Ҳа, ўша-да! Пошшо ҳазратлари айтди, деб қўявер. Бу чучелалар нимани билади.
— Ўзи... пошшо каттами, вазир каттами?
— Генерал Скобелев жаноблари айтган бўлсалар, албатта вазир катта-да!

Оқподшо тағин бобомиз билан юзма-юз бўлади. Салмоқлаб-салмоқлаб баён этади:
— Гап лўндаси... Швеция вазири Фалончиев жаноблари айтганларидай, бу тупроқ Ўрусия тожидаги олий қиммат дур, ҳа, дур! Асло, асло сенинг тупроғинг эмас!
— Лаббай-лаббай?
— Сен бундай қаймоқ тупроққа ярашмайсан!
— Нима-нима?
— Чунки сен чучеласан, чучела!
— Сарт-собакасан, сарт-собака!
— Биз сен сарт-собакаларни Ўрусияга жўнатамиз!
— Ўрусияда сенинг башарангдай қоратупроқ бор. Сен ана ўша қоратупроққа ярашасан!
— Қоратупроқ — сарт-собака... Сарт-собака — қоратупроқ... Жуда ҳамоҳанг!
— Ўзи, бу чучелалар қандай қилиб бундай қаймоқ тупроқда яралиб қолди, Духовский?
— Айтгилиги йўқ, Назаров, айтгилиги йўқ. Шундай тупроқда шундай сарт-собакаларни яратган худогаям қойил эмасман.
— Қўявер, Духовский, бу тупроққа энди Улуғ Ўрис халқи келади!
— Биламан, Самарадан икки юзта ўрис мужик кўчиб келади.
— Бизнинг Саратовдан бир юз элликта ўрис мужик келади.
— Мужикларимиз ҳадемай поезддан тушади!
— Энди бу қаймоқ тупроқда Улуғ Ўрис халқи деҳқончилик қилади!

Бобомиз нафаси ичига тушиб кетади. Бобомиз ғарибона-ғарибона қадамлайди.
— Жамолиддин кетмон, намозингни ўқиб оласан-а? — дейди Асҳал нўғай. — Пешин намозингни ўқиб оласан-а?

Асҳал нўғай бош ирғай-ирғай шундай дейди. Асҳал нўғай бот-бот шундай дейди.

Асҳал нўғай Оқподшога юз солади.
— Бир мўмин банда намозини ўқиб олсин? — дейди.
— Ҳайда-ҳайда! — дея жеркийди Оқподшо.
— Кунпаякун масжид жойида черков пойдеворини ташладик. Черков битсин, черковда намоз ўқийди! — дейди Оқподшо.
— Тоат-ибодатни қанда қилиш ёмон, — дея сарғаяди Асҳал нўғай. — Худо йўлда бирор кор-ҳолга гирифтор этади.

Оқподшо сергакланади. Оқподшо теварак-бошга назарланади. Оқподшо ҳадикланади.
— Майли, худо йўлида бўлса, майли, — дейди Оқподшо.
— Худо йўлида қўлларини бир бўшатиб олинг, — дейди Асҳал нўғай. — Қўлсиз намоз ўқиб бўлмайди.

Оқподшо бобомиз қўлларини озод этади. Бобомиз обтовадан таҳорат олади. Бобомиз қибла тараф белбоғ ёяди.

17

Оқподшо ёнғоқ остилаб соялайди.

Милтиқлари ўнгларида туради. Бош кийимлари чапларида туради.

Оқподшо бобомиздан кўз узмай соялайди.

Асҳал нўғай бир бобомизга қарайди, бир Оқподшога қарайди. Қамзулини ола-ола, бобомиз тараф одимлайди.
— Ҳа, йўл бўлсин, нўғай? — дейди Оқподшо.
— Мен ҳам намозимни ўқиб олайин, жаноблар, — дейди Асҳал нўғай.
— Сен чўқинтирилмаганмисан?
— Худога минг қатла шукур, мусулмон фарзандиман.

Асҳал нўғай бобомиз қабатидан камзул тўшайди. «Оллоҳу акбар»... дея, қулоқ қоқиб бошлайди.

Бир сўз намоздан бўлади, бир сўз амалдан бўлади:
— Қулоқ сол, Кетмон, қулоқ сол, — дейди. — Оқподшо мулла Намоз билан муҳорабачиларни қидирмоқда.
— Мени ким айтди?
— Биров айтмади. Оқподшо эркак зотини ушлаб қамаяпти.
— Қамаса-қамар.
— Оқпошшо осий бандаларни осиб ўлдирмоққа ҳукм қилди. Ибрат бўлсин учун бутун халқ олдида осадилар. Битта шаҳид ўрис жони учун ўнта ўзбакни осадилар. Алҳол, сенга-да шул ҳукм жорий этилади.
— Менинг қўлим қон эмас.
— Унда, Ўрусияга сургун этадилар. Ҳали, анавилар сени қоратупроққа жўнатамиз, дейдилар. Шу гапда жон бўлади. Икки юздан ошиқ забардаст ўзбакни ичкари Ўрусияга сургун этадилар.

Бир сўз намоздан бўла беради, бир сўз амалдан бўла беради:
— Энди мен нима қилайин?
— Қоч.
— Бола-чақамни ташлаб қаёққа қочаман?
— Бошинг оққан тарафга қоч.
— Анавилар кўз узмайди, қандай қилиб қочаманэ
— Ўзингни сойга от. Жойингдан турма-да, сой тубигача юмалаб-юмалаб бор. Бет-бошинг ёрилади, оёқ-қўлинг лат ейди. Алҳол, омон қоласан. Бўл-бўл.

Бобомиз бирдан сой тараф чопади. Мисоли сувга калла қилмишдай — ўзини сойга отади. Оқподшо ҳаяллаб келади.
— Тўхта, отаман, тўхта! — дейди.

Оқподшо қасур-қусур юмаламиш тошларни кўзлаб милтиқ бўшатади.

Оқподшо сой ёқалаб чопади-чопади — сой энажак сўқмоқ тополмайди.

Бобомиз тошлар билан юмалайди-юмалайди — ёввойи бодомлар аро ғойиб бўлади.

18

Бобомиз тоғ ёналаб энади-энади — Исфарада манзил олади.

Исфарада-да Оқподшо бўлади.

Фарғона бобомизга торлик қилиб қолади.

Бобомиз Оқподшо йўқ юрт излаб юради-юради — Душанба келади.

«Тили бошқа асло эл бўлмайди».

Бобомиз ана шундай ўй билан тағин йўл олади.

Юради-юради — Денов келади.

Денов беклиги Бухоро амирлигида бўлади.

Бобомиз Деновни макон этади.

Кузи билан мардикорлик қилади.

Қишда одам ёллайди— Фарғонадан бола-бақрасини олдириб келади.

19

Бобомиз бола-бақраси омон-эсон Деновлаб келади.

Айби — тўнғич ўғли бир бошқа бўлиб келади.

Ана шу тўнғич ўғил Ақраб бизнинг отамиз бўлади.

20

Отамиз қоқ тунда тўшакдан туриб кетади. Соя-шарпасиз ташқарилайди. Гап-сўзсиз ташқарилайди.

Зим-зиё супада қўл кет этиб туради. Теваракка оқпошшона-оқпошшона боқиб сўзлайди:
— Сартлар! — дейди.

Оёқлари остида ётмиш косовни милтиқ қилиб пешлайди. Милтиқ пешлаб-пешлаб одамлайди.
— Чучелалар! — дейди.

Ҳовлини айланади-айланади — нарвондан томлайди.

Томда қишлоқ узра милтиқ ўқталиб-ўқталиб туради.
— Ётилсин! — дейди. Қишлоқдан итлар ҳуради.

Отамиз ит ҳурмиш тарафга милтиқ ўқталади.
— Ўчир, сарт-собака, ўчир! — дейди.

Қиблада ой бир оқариш беради, бир қорайиш беради.

Отамиз оқариш бермиш ойга милтиқ ўқталади.
— Йўқол, сарт-собака, йўқол! — дейди.

21

Бобомиз ташқаридан эшитилмиш овоздан уйғонади.

Қабатини пайпаслайди. Нима гаплигини пайқайди. Сапчиб ташқарилайди.

Бобомиз супада ҳайкал мисол қотади.

Ошхона тараф қулоқ тутади. Дарвоза тараф қулоқ тутади. Молхона тараф қулоқ тутади.

Овоз қаердан келаяпти — билолмайди.

Ой қорайиш беради.

Отамиз қорайиш бермиш ойга милтиқ ўқталади.
— Отилсин! — дейди.

Отамиз: «пуп-пуп-пуп», дея, косовдан тўп отади.

Бобомиз ана шунда отамиз қаердалигини билиб олади.

Оёқ учида нарвонни топиб олади. Оҳиста-оҳиста томлайди.

Томда ўрмалаб боради-ўрмалаб боради —отамиз кетидан маҳкам қучоқлаб олади.

Отамиз том ташлаб-том ташлаб йиғлайди. Отамиз оёқ тираб-оёқ тираб йиғлайди.

Бобомиз отамизни томдан кўтариб туширади.

22

Отамиз эсини танигуничайин томма-том юради.

Иккинчи боб

1

Мен Сурхони Ақраб қўлигул ўғли бўламан.

2

Отамиз қадамиш чўп ниҳол бўлади. Отамиз қарамиш дарахт шиғил-шиғил бўлади. Отамиз кесмиш ток шокила-шокила бўлади. Отамиз қирқмиш гул шода-шода бўлади.
— Минг қилса-да, отаси фарғоначи-да, фарғона-чи! — дейди эл.

3

Бир эрта Абил жарчи кўчама-кўча жар солади:
— ...Барча-барча ҳовуз бўйлаб борсин! Йўқсиллар ҳукумати билан кўришув бўлади!
— Ювуқсизлар ҳукумати дейдими? — дейди онамиз.

Отамиз онамиздан бетини буриб-буриб кулади.
— Деҳқонқул! — дейди отамиз. — Ювуқсизлар ҳукумати десанг-да бўлади, Шўролар ҳукумати десанг-да бўлади!

Бизнинг Сурхон тарафда хўжалар бекалар отини атамайди. Бекалар-да хўжалар отини атамайди. Бир-бирларини ё қизлари оти билан атайди, ё ўғиллари оти билан атайди.

Отамиз билан онамиз бир-бирларини менинг отим билан атайди.
— Барча борадими, Деҳқонқул? — дейди онамиз.
— Йўқ! Катталар боради. Шўролар майдалар билан гапиришмайди.
— Ана, эшитдинг-а? — дейди онамиз. Шундай бўлса-да, мен отамиз кетидан ияраман.

Отамиз мени жеркиб-жеркиб дарвозада қолдиради.

Мен дарвоза суяниб ўтираман. Отамиз йўлини қарайман.

Отамиз тушларда қайтади.

Мен отамиз қўлидан ушлаб тортаман.
— Айтинг, Шўро қандай одам, айтинг! — дейман. Отамиз қобоқ уюб ичкарилайди. Телпагини тастиллатиб кўрпача уради. Болиш ёнбошлаб ич тортади. Шип тикилиб уҳ тортади.

Мен отамиз пинжига кираман. Мен отамиз белбоғидан тортаман.
— Ота, айтинг! — дейман.
— Э, ўчир-е, энағар! — дейди отамиз. — Энди сен қолдингми, каллани гаранг қилмаган?

Мен отамиз пинжида ёта бераман. Шунда, онамиз ичкарилайди.
— Қани, гапирсин қани, — дейди онамиз. Отамиз тағин миқ этмайди.
— Гапирсин-да энди, ювуқсизлар ҳукумати қандайчикин одам экан, гапирсин-да энди.

4

Шу кундан эътиборан отамиз бир бошқа бўлади-қолади.

Бир маҳалгачайин ухламайди. Ҳовли айланиб-айланиб юради. Кўча девор мўралаб-мўралаб юради.

Ётса-да, уйқусида гапириб-гапириб ётади:
— Қизил, кет қизил!.. — дейди.

Онамиз отамиз ҳолидан қайғуда қолади. Енгига пул қистиради. Фолчига йўл олади.
— Эркагингиз яъжуж-маъжужга йўлиқибди! — дейди Жарқин фолчи— Яъжуж-маъжуж бўлгандаям, улай-булай эмас! Қип-қизил яъжуж-маъжуж. Қизил яъжуж-маъжужга қизил товуқ сўйинглар!

5

Қизиллар қулоғи қирқта бўлади!

6

Кечаси билан учта Қизил кириб келади.
— Ҳали, қизилларни даф этиш учун қизил товуқ сўяр бўлдингми?.. — дейди.

Қизиллар отамизни олдига солиб кетади. Мен отамиз кетидан эргашаман. Онамиз қўлимдан тортиб қолади.

7

Отамиз уч кундан кейин қайтиб келади.

Одатича — этиги пойларини қўли билан суғурмайди.

Ўнг оёғини бир тараф силкийди — ўнг пойи ўша тараф бориб тушади.

Чап оёғини бир тараф силкийди — чап пойи сандиқ остига бориб тушади.

Пайтавалари чувалаб-чувалаб қолади.

Кўкси билан кўрпача ташлайди. Болиш қучоқлайди. Бетларини болиш ботиради.
— Бир жойи оғрияптими? — дейди онамиз.
— Деҳқонқул! Мен сенга айтиб эдим-ку, қизиллар эл бўлмайди, деб. Энағарлар мени Юрчига олиб борди. Юрчининг қўрғонида қароргоҳи бор экан. Оқчурин дегич каттаси бир тергамоқлик қилди-е, бир тергамоқлик қилди-е! Қизиллар шаънига тағин бир ёмон гап қилсанг, Сибир сургун бўласан, деди. Бир-иккита қоғозга бармоқ бостириб олди.
— Сибири қаерда бўлди?
— Ким билади, қаерда бўлди.

Мен отамиз этикларини териб-териб оламан. Бўсағада жуфт-жуфтлаб қўяман. Пайтаваларини йиғиб-йигиб оламан. Этикларига ўраб-ўраб соламан.
— Деҳқонқул! — дейди отамиз. — Энди қизиллар мени қўймайди.
— Энди қайтади, Деҳқонқул?
— Энди кетаман. Ёмондан қоч-да қутул, ё, тон-да қутул, дейди.

Отамиз бир кечада йўқолади-қолади.

8

Мен тағин отамизни қидираман.
— Отанг бозор кетди, келади, — дейди онамиз. Мен энди онамиз кетидан ияраман. Онамиз бир одим босса-да, кетидан бораман.

Онамиз ҳовуз боради. Ҳовуз бўйида аёллар билан гурунглашади.

Аёллар бири қўйиб бири айтади.
— Бурноғи кеча тегирмон олдида иккита Қизилни бўғизлаб кетибди.
— Иккита-да гапми, Ҳайиткални жарида беш-олтитасини отиб кетибди.
— Ҳай, бир замонлар бўлаяпти-да.

Онамиз кўзасини сув ботириб олади. Кўза елкалаб қайтади. Йўлда кўза қўйиб дам олади. Мен йўл бош-адоқ олазарак бўламан.
— Отам қани... — дея ингиллайман. Тўлиб-тошиб турмиш онамиз чўрт ёрилади:
— Иштонимни ичида! Эшитдингми? — дейди. — Манави иштонимни ичида!

Мен мана бўлмасам дейман-да, кўзадаги сувга тупуриб қочаман.

Онамиз кетимдан тош отиб қолади.
— Ҳа, ошингни ейин сен тентакни, ошгинангни ейин! — дейди.

Онамиз сувни тўкиб ташлайди. Тағин ҳовуз йўл олади.

9

Онамнз мени қарғаб-қарғаб ётқизади.

Мен онамиз рўмолини тортқилай-тортқилай ухлаб қоламан.

Бир маҳал эшигимиз ғижир-ғижир очилиб ёпилади.

Мен кўзимни очгани эринаман. Онамиз ташқарилаяпти, дея ўйлайман.

Ўн беш-йигирма кунда бир бор шундай бўлади.

Бир сафарида уйқум келмайин ётаман.

Онамиз оҳиста-оҳиста тўшакдан туради. Онамиз оёқ учида-оёқ учида айвонлайди.

Айвон тарафдан шивир-шивир эшитаман. Шивир-шивирда мени отим-да бўлади.

Гап-сўзларни алайна-алайна эшитолмайман. Аммо-лекин кўнглим туяди: ана шу шивир-шивирчи отамиз бўлади!
— Ота, ота! — дея лик этиб тураман. Онамиз ила-чила қайтади.
— Ҳа, нима, нима? — дейди. — Ота? Қани ота? Нима бало, эловраяпсанми? Ёт, ухла, ёт!

Онамиз бошимни силай-силай кетади. Онамиз бошимга кўрпани торта-торта кетади.

Мен тағин кўрпадан бошимни оламан. Кўзларимни катта-катта очаман. Пичир-пичир эшитаман.
— Мени қизиллар йўқламаяптими?
— Йўғ-а.
— Йўқласа, тоққа ўтинга кетиб эди, де.
— Ўзи қаерда юрибди?
— Ишинг бўлмасин.
— Нимага ишим бўлмайди? Ўлик-тиригини билайин-да.
— Ҳайиткални жарида ётибмиз.
— Жарда ётади?
— Аслида, тоғда ётамиз. Жарга кечаси келамиз.
— Тоғ қаерда, Ҳайиткални жари қаерда.
— Отни олдида нима дегич гап. Тоғдан Ҳайрондара энамиз. Ҳайрондарадан кейин Ҳайиткални жари-да.
— Бир ўзими?
— Бир ўзим қаёқда — ўнта жигит. Ўзимиздан Рашид бор. Бошқалари бошқа қишлоқдан. Ҳали тағин кўпаямиз. Теварак қишлоқлардан жигитлар келиб қўшилаяпти.
— Кечаси Ҳайиткални жарида нима қилади-а? Уйгинасида, бола-бақрагинаси олдигинасида ётса бўлмайдими-а?
— Деҳқонқул! Сен нимани биласан? Биз эл-юрт учун олишаяпмиз. Бирови-да Ҳайиткални жаридан тирик ўтолмаяпти. Ўтганини-да кўраман!
— Кимни айтаяпти?
— Қизилларни-да, кимни бўларди.
— Қизиллар Ҳайиткални жаридан ўтадими?
— Эса-чи. Деновдан Хўжасоатга келгич йўл Ҳайиткални жаридан ўтади-да. Бошқа иўл йўқ. Шу жарда Қизилман, дегичини қонига белаяпмиз.
— Кўзига қарасин-да, қизилларда милтиқ бор, дейишади.
— Милтиқ бизда-да бор. Бир кечаси бешта Қизилни ўлдириб, пулемётини-да олиб олдик.
— Ишқилиб, кўзига қарасин, дейман-да.
— Деҳқонқул! Кўзимга қарасам-қарамасам, Қизил зотини энасини жабдуқлайман!
— Кўп катта кетмасин.
— Деҳқонқул! Катта кетсам-кетмасам, қишлоғимизга ўрис зотини ёнаштирмайман!

Пичир-пичир эшита бериб кўзим кетади.

10

Тонглай айвон қарайман.

Айвонда кўрпа-тўшак бўлади — отамиз йўқ бўлади.

Мен ер тепиб-ер тепиб ингиллайман. Мен ер юмалаб-ер юмалаб ингиллайман.

Онамиз енгимдан олиб турғизади.
— Желакни кир қилдинг, қирғинни олдида қирилиб кетгур! — дейди. — Йўқ отани қаердан топаман? Сендан ота қарзим борми?

Мен ошхона чопаман. Сув тўла кўзаларга тупуриб-тупуриб қочаман.

Кетимдан отилмиш косов дарвоза тарақлаб тегади.

11

Отамиз қачон келади, деб кун санайман.

Кун санай бериб, бармоқларим тақчил бўлиб қолади.

Кун санай бериб, кафтларим бармоқларим билан тўлиб қолади.

12

— Бўлди, энди қайтиб келсин. Анави Деҳқонқули безорижонимни чиқарди, — дея пичирлайди онамиз.
— Бола бола-да, — дейди отамиз.
— Аёллар, эркагингиз босмачи бўп кетибди, шу чинми, дейди.
— Деҳқонқул! Босмачи деманглар. Неча марта айтаман, босмачи деманглар деб.
— Бари аёл шундай дейди.
— Деса дея беради-да. Босмачи бўлиб, қайси юртни босиб олибмиз? Босмачи бўлиб, қайси элни талон-торож этибмиз? Деҳқонқул! Босмачи дегич гапни улар ўйлаб топдилар.
— Кимлар?
— Кимлар бўларди — қизиллар-да. Кимлар бўларди — падар лаънат чўчқалар-да. Чўчқалар ўзлари юртимизга бостириб келди. Яна тағин, бизни босмачи деб атади. Падар лаънат чўчқалар ўзларини ёрлиқларини бизнинг пешонамизга ёпиштирди.
— Унда, бу киши ким бўлди?
— Мужоҳид! Билдингми? Мужоҳид!
— У нима дегани бўлди?
— Мужоҳид эл-юрт учун жиҳод этувчи одам бўлади. Эл-юрт йўлида шаҳид бўлиш учун шай одам бўлади.
— Ким билади, Деҳқонқул, эл-юрт шундай деяпти-да.
— Деҳқонқул! Эл-юрт қизиллар иғвосига учмасин. Мен қизилларни битта қўймай қираман. Омон қолмиш Қизилни қаердан келган бўлса — ўша ёққа қайтариб ҳайдайман. Эл-юрт ана ўшанда билади— мужоҳид ким, босмачи ким эканини. Ботар кунни отар тонги бўлади.

13

Бир оқшом дарвозамизда учта одам қора беради. Одамлар остонамизда аланг-жаланг бўлиб туради.

Онамиз бет бекитиб-бет бекитиб пешвоз боради.
— Қани у, туземец? — дейди бирови. Онамиз англамайди — ер боқиб тура беради.
— Мен сен чуркадан сўраяпман?
— Қани у, туземец, чурка?
— Ким-ким? — дейди онамиз.
— Босмачи эринг қани, деяпман?

Онамиз ана шунда англайди. Хиёл юз очади.
— Ҳа-а, отасими? — дейди. — Отаси тоғлаб кетиб эди.
— Қачон келади, туземец, чурка?
— Ўтин териб бўлса, келади-да. Келувчилар кет қайрилади.
— Ўзи бир туземец чурка бўлса, яна тағин бетини бекитади-я! — дейди.

14

— Келгичлар бирови Нормурод фаол бўлди.
— Деҳқонқул! Шу энағарга айтиб қўй, қадамини тортса тортди, тортмаса, ўз қўлим билан калласини оламан.
— Ўзи, қизиллар қачон кетар эмиш?
— Деҳқонқул! Қизиллар кетмайди, ҳайдамаса кетмайди. Кетмаса, ўзларини шўри. Бари Қизилни тутдай тўкаман. Қизиллар ўлигини ғожирларга ем қиламан.
— Бир Рашид босмачи билан икковини қўлидан нима келади.
— Деҳқонқул! Неча маротаба айтаман, босмачи дема деб. Босмачилар ана — қизиллар!
— Бари шундай деяпти-да, менда нима айб.
— Бари айтса-да, сен айтма. Чин, бизнинг қишлоқдан Рашид икковимиз, чин. Биз нима қилайлик, бари дин-имонини сотаяпти. Бирови Шўро бўлаяпти, бирови фирқа бўлаяпти, бирови ҳосилот бўлаяпти. Деҳқонқул! Мен уларни жигит санамайман, Йўқ, жигит санамайман. Гапни ўроли келди, айтайин... Улар хунаса! Ҳа, хунаса!
— Шундай дейишга уялмайдими?
— Бўлмаса, нима дейин? Кофир дейин десам — бари ўзбак бўзболалар. Ўзбак дейин десам — бари кофирлар йўлидан юрибди. Мусулмон бўп — мусулмон эмас, кофир бўп — кофир эмас. Бундайчиминларни ким дейди? Хунаса дейди-да!

15

— Бу сафар ҳаяллаб қолди?
— Кўлобда бўлдик. Иброҳимбек қўрбоши ҳазратлари қўлида машқ олдик.
— У киши ким бўлди?
— У киши ислом лашкари сорбони бўладилар.

Иброҳимбек ҳазратларини қўрбошимиз десак-да бўлади, амиримиз десак-да бўлади. Боиси, амиримиз ўз жойларига Иброҳимбек ҳазратларимизни тайинлабдилар-да, ўзлари Афғонистон сари сипориш берибдилар. Худо хоҳласа, Иброҳимбек ҳазратимиз сорбонлигида бари ўрисни битта қўймайин қирамиз.
— Кўлобга бир ўзи бордими?
— Йўқ! Элликтача жигит бўлиб бордик. Иброҳимбек ҳазратимиз қароргоҳида туркий лашкарбошилар машқ берди. Ай, бир барлос жигитлар машқ олаяпти, ай, бир барлос жигитлар машқ олаяпти! Жигит эмас — лочин, лочин! Иброҳимбек ҳазратимиз барлослари олса олади — асло олдирмайди!

16

Тағин кун санайман.

Тағин бармоқларим тақчил бўлиб қолади. Тағин кафтларим бармоқларим билан тўлиб қолади.

17

Тунлардан бир тун ташқарида тапур-тупур бўлади.

Амрлар эшитилади:
— Қимирлама, отаман!
— Қаддингни кўтар!
— Қўлингни бер!
— Типирчилама!

Шунда, отамиз овози-да келади:
— Рашид айтди-я, шу кеча уйингга борма, деди-я! Рашидни гапини олмадим-а, ай, аттанг-а!

Онамиз отилиб ташқарилайди. Овоз бериб йиғлайди.
— Эй, моча! — дейди биров. — Ўчир, бўлмаса сениям бойлаймиз!

Ҳаминқадар тала-тўп бўлади. Ҳаминқадар дўқ-зуғум бўлади.

Ташқари бирдан ёришади.

Мен ана шунда ташқарилайман.

Ташқарида қўша фонус ёнади.

Қўллари қуллиғлик отамиз супада ётади. Бет-боши қон отамиз ғужанак ётади.
— Успенский, Полторацкий! Отни олиб келинглар! — дейди биров.

Бир фонуслик чопқиллайди. Кўчадан от етаклаб келади. Супа олдида бел қилади.

Амр этувчи отамиз бўйнидан эгар қошига арқонлайди.
— Ҳайда! — дейди. От кўча йўл олади.

Отамиз от кетидан оёқ тираб-тираб одимлайди. Ўзини кетига ташлаб-ташлаб одимлайди.

Девор суяниб турмиш онамиз тағин овоз бериб йиғлайди.
— Эй, моча чурка, мен сенга ўчир деяпман! — дейди Успенский.

Онамиз дами ичига тушиб кетади.
— Чанишев! — дейди отамиз. — Манави чўчқаларингга айт, пошикаста-заифаларни ундайчикин сўкмайдилар!
— Сўкаётганим йўқ, — деди Успенский. — Мочани моча дейди-да. Сен ҳанги чурка, заифанг моча чурка! Юртинг — Чуркистон!
— Ундай дема! Туркистон де, Туркистон! Мен Ўрусиянгни Чўчқаистон деётганим йўқ!
— Ўзи, Туркистон номи нимадан олиб айтилади, Полторацкий?
— Турк сўзидан олиб айтилади. Туркийлар макони, деган мазмун беради.
— Ҳа-а. Сея чурка туземец ўзингни буюк туркийлар деб биласанми? Буюк туркийлар... Буюк Туркистон... Сассиқ чуркалар! Сассиқ Чуркистон! Ана, сен кимсан!
— Ўзи бир чурка туземец бўлса, Туркистон, туркийлар деган пўрим-пўрим гапларни қаердан билади, Колесов?
— Анави Ҳисор тарафларда турк офицерлари итдай изғиб юрибди. Ана ўшалар ўргатаяпти.
— Анвар пошони асфаласофилинга жўнатганимизга ўн икки йил бўлди-ю?
— Қаланғи-қасанғилари ҳамон дайдиб юрибди.

Онамиз отамиз кетидан эргашиб боради. Ҳиқ-ҳиқ этиб боради.

Мен онамиз кетидан эргашиб бораман. Инг-инг этиб бораман.

Олдинма-кетин катта йўллаб келамиз.

Катта йўлда тағин иккита отлиқ бўлади.

Қизиллар ана шу манзилда оёқ илади.

18-19

— Чанишев! — дейди отамиз. Бир кун бўлмаса, бир кун сен суллоҳ келишингни билиб эдим. Айнан сен суллоҳни келади, деб ўйлаб эдим. Ўйлаганим бўлди, Чанишев!
— Ҳа, нима дейсан, нима? — заҳрини сочди Чанишев.
— Чанишев! Мен шу қишлоғимизга қадам қўяман дегич ўрис қонини ичдим. Олисдан кўрдим — отдим, яқиндан кўрдим — сўйдим. Ай, аттанг-а, қўллик бўлиб қолдим. Мен ўрис зоти қонини қолдирмайин ичаман деб эдим.
— Ичолмас эдинг. Босмачи зотини таг-томири билан қириб ташлаш учун бир юз олтмиш минг Қизил Қўшин бўлиб келиб эдик. Бир юз олтмиш минг оврупоча қуроллик сара лашкар-а!
— Қўллик бўлмаганимда, бир юз олтмиш мингини-да қонини ичар эдим! Чанишев! Бир ушлаш бўлса — ушладинг. Бўлар иш бўлди. Энди, қўлларимни қўйбер.
— Сендан қўрққулик, Ақраб, қўрққулик!
— Чанишев! Кўп қўрқа берма. Мана, эгар қошига қўй кўганлагандай кўганлаболдинг. Энди қаёққа-да борар эдим.
— Лазаревич, Фонштейн! Қўлини қўйиб юборинглар!

Қизиллар отамиз қўлини қўйиб юборади. Отамиз уюшиб-уюшиб қолмиш қўлларини ёйиш учун қулоч отиб-қулоч отиб олади.

Шунда, қизиллар ёппа барака милтиқ ёпишади.
— Ай, Чанишев-ай! Тўққиз қайтган-ай! — дея кулади отамиз. — Юракдан-да бор экан-да! Шу юрагинг билан мени ушлагани келдингми-а? Ақраб қўрбошини-я? Ай, энағар нўғай-а, ай, заниғар нўғай-а!
— Сўкма, туземец!
— Чанишев! Сен ким? Айт, сен ким? Нўғай мусулмон фарзанди. Сен мусулмон фарзанди бўла туриб, манави ўрислар гапига кириб келдинг. Ўрислар менинг калламни ейиш учун сен нўғайларни бекорга танламади. Боиси — ўзбак билан нўғайни тили бир, дини бир, урф-одати бир. Билсанг — сен нўғай ўзингга ўзинг милтиқ ўқталиб келдинг! Энди айт, туземец менми ё сен тўққиз қайтган нўғайми?
— Мен сен билан ҳарбий судда гапиришаман. Ақраб қўрбоши! Рудзутак, йўл ол!

Қизиллар Денов тараф жилов буради, Ана шунда қизиллардан бир соя айрилиб қолади. У Нормурод фаол бўлади.
— Чанишев! — дейди отамиз. — Бир оёқ ил! Анави хунасага айтар гапим бор!

Қизиллар оёқ илади.
— Ай, Нормурод хунаса! — дея кет бурилади отамиз. — Сен мени ўрисларга ушлаб бердинг! Илойим, қариган чоғингда тентак бўл, аёлингни уч талоқ қўй, элга эрмак, халққа шалоқ бўлиб ўл, оллоҳу акбар!
— Кетди, отам кетди!.. —дейман.
— Кўрдим... — дея озурда бўлади онамиз. — Кўрдим, отанг кетди...

Онамиз ўксиб-ўксиб йиғлайди. Онамиз увв-увв йиғлайди.

Онамиз овоз қўйиб йиғлайди — демак, хавф-хатар олислайди. Демак, энди қўрқмаса бўлади.

Шу боис, отамиз кетидан йўл олиб йиғлайман.
— Ота-а-а! — дейман. Отамиз қайрилиб қарамайди. Фонуслар лоп-лоп этиб боради.

Қизиллар отда бўлсалар-да, милтиқ ўқталиб-ўқталиб боради.

Отамиз Қизил милтиқ тиғида кетади.

Мен отамиз кетидан чопаман. Пилдир-пилдир чопаман.
— Ота-а-а!

Яланг оёқларим ерга тегиб-тегмай чопаман. Ана-ана етажак бўламан.
— Ота-а-а!

Жон-жаҳдим билан чопаман. Шунда, бетим билан ер учаман. Кафтларим билан ер бориб тушаман. Забтим билан бир-икки бор юмалаб оламан. Жойимдан турайин дейман — туролмайман.

Отамиз Қизил милтиқ тиғида кетади.

Ерда ётмиш кўйи отамиз кетидан қарайман.
— Ота-а-а!

Фонуслар лоп-лоп этиб боради.
— Ота-а-а!

Отамиз Қизил милтиқ тиғида кетади.

20

Отамиз чимзор оралаб боради.

Отамиз буғдойзор оралаб боради.

Буғдойзор адоғи дарёча оқади.

Дарёча адоқ соҳили Сайрак қишлоғи бўлади. Дарёча қибла соҳили Хўжасоат қишлоғимиз бўлади.

Отамиз Қизил милтиқ тиғида боради-боради — ана шу дарёча бўйида оёқ илади. Чап елкаси оша қиблагоҳда қолмиш қишлоғига боқади.

Боқади-боқади — ботинан-ботинан инқиллаб-инқиллаб олади.

Қизиллар отамиз чап елкасига милтиқ билан туртади.
— Олға, олға! — дейди.

Отамиз энди ўнг елкаси оша боқади. Боқади-боқади — хўрсиниб-хўрсиниб олади.
— Деҳқонқул-ай! — дея овоз беради.

Отамиз онамизни йўқладими? Отамиз мени йўқладими? Мени йўқласа — нима учун йўқлади? Мен гўдакдан ҳимо тиладими? Мен ушоқдан паноҳ тиладими? Ушоқ ўғлон қўлидан нимада келади?

Қизиллар отамиз чорловини ўзларича йўяди. Мазкур буғдойзорда босмачилар бор, дея йўяди. Ана, Ақраб қўрбоши босмачиларни йўқлаяпти, дея йўяди.

Қизиллар апил-тапил буғдойзор милтиқ буради.

Аммо отамиз йўқламиш Деҳқонқул... босмачидан шовур бўлмайди.
— Деҳқонқул-ай!

Қизиллар ҳаминқадар жонсарак бўлади. Тап-тап отдан ташлайди. Шарақ-шарақ милтиқ ўнглайди.
— Деҳқонқул-ай, Деҳқонқул!..

Деҳқонқул дегич... босмачидан ҳамон шовур бўлмайди.

Ана шунда отамиз Ақраб қўрбошилигини қилади!

Лик этиб от миниб олади. Тиззалари билан ниқтайди.

От жойидан забт олади. Аммо ўн-ўн беш қадамда бирдан тис бўлади. Жойида ер тепинади.

Боиси — юган учи ерда ётмиш Қизил билагида бўлади.

Қизил юган учида судралиб-судралиб боради. Қизил бақириб-бақириб боради:
— Ақраб, агар қочсанг, болаларингни отамиз! Ақраб, болаларингни битта қўймай отамиз!..

Отамиз «бола» сўзидан кейин забтидан қайтади. Отамиз «бола» сўзидан кейин ниятидан кечади. Қизил сапчиб туради. Отамиз оёғига ёпишади. Отамиз Қизил кўкракка оёқ қўяди.
— Осилма! — дейди. — Ўзим тушаман!

Қизиллар отамизни ўраб олади.

Қизиллар юрак ҳовучлаб-юрак ҳовучлаб туради. Отамиз ана шу вазиятни англаб олади. Отамиз ана шу вазиятдан келиб айтади:
— Дарё бўйини олиб ётасизлар, деб эдим, — дейди. — Булар бошқа жойни олибди-да.

Отамиз шундай дея-дея, теварак-бошга олазарак-олазарак боқади.
— Кимни айтаяпсан? — дейди Чанишев.
— Кимни бўласди — жигитларимни-да.
— Сен бизнинг келишимизни билиб эдингми?
— Чанишев! Сен мени ўзингдайин бир тўпори кофир деб ўйлаб эдингми? Эса-чи, билиб эдим, эса-чи. Жигитларимга дарё ёқасида ангниб ётинглар, деб тайинлаб эдим.
— Жигитларинг энди қаерда қарайди?
— Қаерда бўларди — худони бир ерида-да. Ҳали йўлимизда Ҳайиткални жари келади. Анбарсой келади, Қизилсув келади...

Қизиллар йўлларида давом эттишларини-да билмайди, қишлоққа қайтиб боришларини-да билмайди.

21

Отамиз ана шунда гап индаллосидан олади:
— Чанишев! — дейди. — Ўзи, мени қаёққа олиб кетаяпсан?
— Юрчига.
— Ундан кейин-чи?
— Тошканга.
— Тошкандан кейин-чи?
— Ўрусияга.
— Ўрусияга олиб бориб нима қиласан?
— Ўрусияда суд бўласан.
— Чанишев! Суд-буд, деб ўтирма-да, жигити гапни айт: Шўро ҳукумати мени нима юилади?
— Нима қиларди, суд кесади.
— Нимани кесади?
— Каллангни кесади!

Отамиз Чаиишев гапидан рози бўлади.

«Жигити гап бўлди, — дея ўйлайди. — Бўлмаса ўз оёғи билан қассобхонага боражак молдай бўп кетаберар эдим».
— Чанишев! — дейди отамиз. — Худодан-да ўтди, бандадан-да ўтди.
— Ўтди, Ақраб қўрбоши, бари ўтди
— Худо билибми-билмайми, сен ўрисларни юртимизга ҳайдаб келди...
— Бари ўтди-кетди, Ақраб қўрбоши. Энди биз сенга тўнғич ака бўламиз. Сен эса бизга кенжа ука бўласан.
— Худо билибми-билмайми, биз мусулмонлар қўлига милтиқ берди. Ўрисларни от, деди.
— Бари ўтди, Ақраб қўрбоши, биз ака-ука бўламиз.
— Ака-ука бўласан? Чанишев! Ўзи, кофир ўз оти билан кофир экан-да! Мусулмон билан кофир қачон ака-ука бўлиб эди-да, энди бўлади?
— Бўлади, мана биз бўламиз. Шарқда яхши-яхши шарқона урф-одатлар бор. Масалан, Шарқда кичиклар катталарга итоат этади. Шундай экан, сен бизга итоат этасан.
— Чанишев! Ўлсам ўламан — лекин сен ўрисларга ука бўлмайман!
— Бўласан, шундай кун келади, бўласан. Акаям гапми, ҳали Ленинни отам дейсан. Крупскаяни онам дейсан.
— Чанишев! Ўлсам ўламан — лекин сен ўрисларни акам демайман!
— Дейсан, шундай кун келади, дейсан. Дейиш ҳам гапми, ҳали каллаи саҳарлаб ассалом, катта акам, дея ашула айтиб салом берасан.
— Мусулмон билан кофир бу дунё тугул, у дунёда-да эл бўлмайди. Боиси, мусулмон мозорга кофирни кўмиб бўлмайди, кофир мозорга мусулмонни кўмиб бўлмайди. Шундай экан, мусулмон билан кофир у дунёда-да ака-ука бўла олмайди.
— Бўлади, ўртоқ Ленин ғоялари шундай, бўлади.
— Унда, ўша Ленининг қушмия одам экан!
— Ўртоқ Ленинга тилингии теккизма, туземец!

22

— Чанишев! Айб сенда-да бўлмади, айб менда-да бўлмади. Бари Худодан бўлди! Чанишев! Сендан тилаяжак бир тилагим бор. Ана шу тилагимни бажо келтир. Ана шунда, сен-да бола-бақранг олдига борасан, мен-да бола-бақрам олдида қоламан.
— Айт, айт қани?
— Сен олдин, бажо келтираман, дея сўз бер. Ана ундан кейин айтаман.
— Сўз бераман! Ана, энди айт.
— Чанишев! Мени мана шу ерда от!
— Қаерда-қаерда?

Отамиз ўнг оёғи билан ер тепиб-ер тепиб айтади:
— Мана! Мана шу ерда от!

Қизиллар бир-бировига қараб-қараб олади. Қизиллар калла чайқаб-калла чайқаб олади.
— Чанишев! — дейди отамиз. — Мен ўзбакман, ўзбак! Ўзбак қаерда таваллуд топади — ана ўша ерда умр кечиради! Чанишев! Балиқ жаннатмакон соҳилда бўлса-да, ўлиб қолади. Балчиқдан-балчиқ сув бўлса-да, ташлаб юборса бўлди — тағин тирилади-қолади. Чанишев! Ўзбак-да ана шундай! Ўзбакка жаннатмакон-да татимайди. Ўзбак жаннатмаконда-да ўз эл-юртини қўмсаб-қўмсаб адо бўлади. Ўзбак жаннатмакондаи дўзахмакон пахтазорини қўмсаб-қўмсаб қайтиб келади.
— Хўп, борайлик қани.
— Чанишев! Ўзбак қаерда таваллуд топади — ана ўша ерда ўлади! Ўзбак ўз эл-юртида ўлади! Ўзбак ўз ўлан-тўшагида ўлади! Ўзбак — ана шундай ўзбак!
— Ўлимга маҳкум учун ерни фарқи нима, туземец, — дейди Успенский.
— Ўрис! Чин, сен учун фарқи йўқ, чин. Қаерда хушҳаво табиат бўлади — ўша ер ўрис учун юрт бўлади. Қаерда қорни тўяди — ўша ер ўрис учун юрт бўлади. Ўрис — ана шундай ўрис!
— Эл-юрт, эл-юрт дейсан, ўзи, Ўзбакияда сени кўмиш учун эл-юрт қолдими? — дея ҳиринг-ҳиринг кулади Успенский. — Икки милён босмачи қириб ташланди, дейишаётиб эдими, Рудзутак?
— Шундай, икки милён босмачи қириб ташланди, шундай, — дейди Рудзутак.
— Ана, икки милён эл-юртинг асфалософилинга сафар қилибди.
— Топилади! — дейди отамиз. — Бир мени ўраб-чирмаб кўмажак эл топилади. Ўзбак элини қириб адо этолмайсан. Ўзбак эли — катта эл.
— Ҳали тағин қирамиз! — дейди Колесов.
— Асфалософилинда туркий туземецлар учун тағин милёнта жой тайинлаб қўйдик, — дейди Успенский.
— Ўрис! Сен ана шундай ўласан! Ўрис қаерда ўлади — ўлиги ўша ерда қолади. Ўрис учун ўлар ери мозор бўлади. Мозорига бир хоччўп қадаб кетади — бўлди! Ўрис! Ўзбак қаерда ўлади — ўлигини ўз эл-юртига олиб келади. Ўзбак ўлигини ўз қиблагоҳига кўмади. Ўзбак ўлигини ўз бош-тожига кўмади. Шу боис, ўзбаки қабристон қиблагоҳда бўлади!
— Хўп, олдин борайлик, бир гап бўлар, — дейди Чанишев.
— Чанишев! Сен мени Ўрусияга олиб борасан-да — пақиллатаб отиб ташлайсан. Қайси бир ўрага кафансиз кўмиб ташлайсан. Ватан гадоси — кафан гадоси бўлиб ўламан. Кафансиз ўлигимни ким эл-юртимга олиб келиб кўмади? Кафансиз ўлигим ит ўликдайин Ўрусияда қолиб кетади! Ана ундан кейин, бола-бақрам мени қаерлардан йўқлаб йиғлайди? Бола-бақрам қаерларга бориб отамлаб йиғлайди? Бола-бақрам қайси мозорим бошига бориб ййғлайди? Бола-бақрам улуғ айём кунларда қайси мозоримга чироқ қўяди? Шундай экан, отарман бўлсанг, мана, кўкрак — от! Лекин — ўз эл-юртимда от! Шаҳид бўлсам — ўз эл-юртимда шаҳид бўлайин! Шаҳидимни ўз эл-юртим кўмсин!

Ана шунда Чанишев отини қайиради. Отамиз билан муқобил бўлади. Чанишев мулзам бўлади!
— Ақраб қўрбоши, — дейди сокин-сокин. — Мен сени бир йўлтўсар деб эшитиб эдим. Бир каллакесар деб эшитиб эдим. Бир ваҳший деб эшитиб эдим. Инчунун, ўғриям деб эшитиб эдим! Сени мана энди билдим. Ақраб қўрбоши, сен асл жигит экансан, асл жигит!

Чанишев сукут олади.
— Ақраб қўрбоши, — дейди. — Ихтиёр менда бўлса эди, мен сени ҳозироқ озод этар эдим. Ихтиёр менда бўлса эди, мен сени ўзимга ўринбосар қилиб олар эдим. Минг афсус! Ақраб қўрбоши, мен — полковник Чанишев, давлат арбоби Куйбишев олдида отдан тушмадим, мен — полковник Чанишев, буюк саркарда Фрунзе олдида отдан тушмадим. Ақраб қўрбоши, мен — полковник Чанишев, Ақраб жигит олдида отдан тушаман!

Чанишев шундай дея, вазмин-вазмин отдан тушади.

Бир қўлида юган Чанишев отамиз қошида бош эпиб-бош эгиб туради.
— Жигит!.. — дейди Чанишев.
— Чанишев! Бир қадам-да босмайман! Мен мана шу эл-юртда жон бераман!
— Жуда бўлмаса, Юрчигачайин борайлик, жигит?
— Чанишев! Ошингни еса-да, мард есин, бошингни еса-да, мард есин! Мана, кўкрак — ма!

23

Отамиз тиламиш талак бажо бўлади. Қизиллар шаҳид отамизни буғдойзорда ташлаб кетади.

24

Эл-юрт отамиз қони тўкилмиш тупроқни девор билан ўраб олади.

Эл-юрт отамиз жон бермиш тупроқ узра оппоқ ялов қадаб олади.

Эл-юрт Ақраб шаҳид пойидан ўта-ўта бир оёқ илиб олади.

Эл-юрт Ақраб шаҳид учун фотиҳа ўқиб-ўқиб олади.

Учинчи боб

1

Тонг саҳарлаб кўчалайман.

Шахдам-шахдам қадамлайман.

«Юр, туземец, юр!»

Қўлларимни узатиб-узатиб қадамлайман.

«Ўчир, чурка, ўчир!»

Милтиқ пешлаб-милтиқ пешлаб қадамлайман.

Шунда, пешонамдан бир соя кела беради.
— Эб-эй, эб-эй, Деҳқонқул? — дейди соя. — Ай, Деҳқонқулмисан?

Милтиқ ўқталиб-ўқталиб бора бераман.

«Ўчир, туземец, ўчир! — дейман. — Сен — моча чурка! Юртинг — Чуркистон!

Соя қимир этмай қолади.

Шу маҳал онамиз кетимдан қандай дохил бўлади — билмай қоламан. Кетимдан қандай қучоқлаб олади — билмай қоламан.

Қошимда қотмиш соя кўксига тупура-тупура калима қайтаради.
— Ай, Болхин ҳамсоя, — дейди соя. — Шугинангиз бир балога йўлиққан-ов. Улжон фолчига фол очириб келсангиз бўларди.
— Фолчи нимаям дерди, Холдон ҳамсоя.
— Фолчи айтади-да, Болхин ҳамсоя, фолчи айтади.
— Ўзи — бўлган-бўлдиги шул, холаси.
— Бўлган-бўлдиги шул, бўлган-бўлдиги шул! Ўтакамни ёриб юборайин, деди! Бовужуд, бўйимда йўқ — бўйимдан туширарди-қўярди!
— Болада не айб, холаси. Боваси шундай эди, отаси шундай эди, боласи-да шундай бўлади-да.

2

Директоримиз барчамизни улкан синфхонага солади.
— Майлис бўлади! — дейди.

Синфхона лиқ тўлади. Тик туриш учун жой қолмайди.

Директоримиз эшикни ичкаридан қулфлаб жория этади:
— Ўртоқлар, бешинчи синфдан бошлаб барча пахта фронтига сафарбар этилади!

Ўйнаб қўяй, бешинчидан, ўйнаб қўяй, дейман! Тўртинчидан бешинчига кўчганларимга пушаймон бўламан.

Унинчи синф гап қайтаради:
— Ўқиш нима бўлади, домла, ўқиш нима бўлади?

Директоримиз шаҳодат бармоғини шипга нишлайди. Тантанавор-тантанавор нишлайди.
— Пахтазор — дафтаринг бўлади, ғўзалар ҳусни-хатинг бўлади! — дейди.

Муаллимларимиз уйма-уй юради. Кийим-бошларимиз билан кўрпа-тўшакларимизни олдириб келади.

Мен онамиз бериб юбормиш бўхчани олиб қарайман: бўхчада иккита кўрпача бўлади. Иккита нон бўлади. Майиз бўлади, тўртта мояк бўлади.

Мен моякларни арчиб-арчиб еб оламан.

3

Эшик тушдан кейин очилади.

Директоримиз жуғрофия таёғини эшикка ниш этади.
— Ўртоқлар, биров-бировдан олға! — дейди. Мен бўхчамни орқалаб ташқарилайман. Мактабимиз дарвбзаси олдида тўртта катта машина бўлади.

Муаллимларимиз мактабдан машинагачайин икки саф бўлиб туради.

Мен ана шу саф орасидан машина йўл оламан.

Катта синфлар бўхчаларини машина ичига отиб-отиб туширади.

Мен-да, бўхчамни отаман — бўхчам елкамга қайтиб келиб тушади. Тағин отаман — бўхчам кўксимга қайтиб келиб тушади.

Физика муаллимимиз бўхчамни машина ортиб беради. Оёғимдан олади-да, ўзимни-да ортади. Жўна-жўна бўлади. Ота-оналаримиз бот-бот тайинлаб қолади:
— Ариқдан сув ичма — пахтага дори сепади!
— Самолёт дори сепа берса — бекиниб ол!
— Қийналсанг — қочиб кела бер!
— Мабодо қочаман десанг — катта йўл четгинасидан юргин!

Машина оҳиста-оҳиста жилади. Ота-оналаримиз қўл силкиб-қўл силкиб қолади. Биров кўзига ёш олади. Биров юпатади:
— Бўлди-е, болангиз фронтга кетаяптими!
— Ўз оти ўзи билан пахта фронти-да!
— Жобида бир машина ёрдамчи бола сойга ағнаб кетибди!
— Болалар кори ҳол бўлмабдими?
— Эб-эй, бола қолибдими!..

Йўлда болалар қўшиқ айтади. Ким қандайчикин қўшиқ билади — ана шу қўшиқни айтади.

Шунда, машина йўл четлаб оёқ илади.

Директоримиз кабинадан ташқарилайди. Кабина пиллапоясида тикка бўлади.
— Ўртоқлар, ўлан-лапарлар айтманглар! — дейди. — Партия-совет қўшиқларидан айтинглар!

4

Машина юради-юради — Сталин колхози мактаби олдида оёқ илади.

Мен бўхчамни гурсиллатиб ер ташлайман. Бўхчам кетидан ўзим осилиб тушаман.

Мактаб қоровули ҳувиллаб ётмиш синфхоналарни очиб-очиб беради.

Мен бўхчамни орқалаб ичкари лўкиллайман.

Катта синф синфхона тўрини олади.

Майда синф остона олдида қолади.

Мен дераза остини оламан. Бўхчамни гупиллатиб ташлайман-да — устига узала тушиб ётиболаман.
— Ўйнаб қўяй, дераза остидан, ўйнаб қўяй! — дейман.

Ўнинчи синф болалар гапимдан кулишиб-кулишиб гапиришадилар:
— Нега шу бола гапи ўролида ўйнаб қўяй, дейди?
— Одати-да.
— Нега ўйнаб қўяй, дейди?
— Ким билади. Зиёд дегичи гапи ўролида масалан, масалан, дейди. Шундай гап-да.

Шу вақт жой жанжали бўлади.

Биров-бировини бўхчасини нари суради. Биров-бировичи бўхчасини нари отади. Биров-бирови билан олишиб қолади.

Деворда осиғлиқ улкан битиктахта тарақ этиб тушади.

Битиктахтада қолмиш битикка кўзим тушади:

«5 сентябр.

Сарлавҳа: Совет халқи 1980 йилда коммунизмда яшайди».

Болалар битикларни овоз чиқариб-овоз чиқариб ўқийди.
— Бечоралар! — дейди. — Бу йил ҳақидан бор-йўғи беш кун ўқибди-я!
— Қайтанга биз маза қилибмиз — бир ой ўқибмиз!

5

Ётарда тўшагимни ёйиб ётаман. Биров гапиришиб ётади. Биров матал айтишиб ётади. Биров ухлаб ётади.

Шунда, кимё муаллимимиз кириб келади.
— Туринглар, директор келаяпти! — дейди. Болалар мудраб-мудраб директоримиз йўлини қарайди.

Директоримиз қўли кетида кириб келади. Ўнгида жуғрофия муаллимимиз бўлади, чапида физика муаллимимиз бўлади.

Болалар жойларидан бир туриб олади.

Директоримиз теварак-бошга қайғули-қайғули назар солади.
— Ўртоқлар! — дейди. — Мен ҳозир марказдан — бюродан келдим! Вазият ёмон, ўртоқлар, ҳа, ёмон! Терим суст бормоқда, ўртоқлар, терим суст бормоқда! Ўртоқлар, қўлни қўлга бериб, жон-жаҳдимиз билан меҳнат қилиб, она сутидай оппоқ, ҳалол «оқ олтин»имизни йиғиб-териб олайлик! Ўртоқлар, пахта бизнинг кўзимизни эмас, биз пахтанинг кўзини қўрқитайлик! Ўртоқлар, кўз қўрқоқ, қўл ботир, жасоратга биз қодир! Бюрода район партия комитети биринчи секретари, ҳаммамиз учун ҳурматли ва азиз ўртоқ Мавлонов ана шундай деди, ўртоқлар!

6-7

Директоримиз саҳарлаб наъра тортади:
— Подъём!

Мен сапчиб тураман. Уйқу аралаш ташқарилайман. Карахт-карахт бет-қўл юваман.
— Стройся!

Мен бўйсира бўламан. Ўзимни бўйсирага созлайман.
— Смирно!

Мен таёқ бўлиб қотаман. Муаллимларимиз идиш-тобоқ тарқатади.
— Ўртоқлар, бир кунлик норма саксон кило! — дейди директоримиз.

Унинчи синф эътироз билдиради:
— Колхозчиларни бир кунлик нормаси олтмиш кило-ку, домла?
— Тўғри, олтмиш кило! Лекин сизлар ёрдамчисизлар! Ёрдамчилар колхоз ҳисобидан овқат ейди! Қўшимча йигирма кило ана шу кунлик овқат учун ушлаб қолинади! Тушунарлими? Қани, пахта фронти сари олға, ўртоқлар!

Унинчи синф олдинда боради. «Ўқувчи ёрдамчиларга алангали салом!» дегич алвон кўтариб олади.
— Қўшиқ айтаман десаларинг, партия-совет қўшиқларидан айтинглар! — дейди директоримиз.

Аммо биров-да қўшиқ айтмайди.
— Фронт, фронт дейди, — дейди болалар, — фронтда пулемёт беради, автомат беради.

8

Бир маҳал Физика қабатимдан келиб қараб туради.

Мен бир қўлим билаи ғўза учидан ушлаб тураман. Бир қўлим билан ғўза пахталарини биров-бировлаб териб оламан. Пахта чанг-ғуборларини пуфлаб-пуфлаб этагимга соламан.

Физика оғзини ушлаб-ушлаб кулади.
— Ай, Деҳқонқул-а, Деҳқонқул! Нимага кейинда қолаяпсан десам, гап буёқда экан-да, — дейди. — Ким айтади сени, оғироёқ боши билан ҳаммадан кўп пахта терган Болхин теримчининг боласи деб?

Физика чин айтади — катталар ўз вақтида онамизни ана шу Сталин колхозига пахтага ҳайдайди.

Онамиз оёқ тирайди, оғироёқман, дейди.

Катталар, пахта оғироёқни билмайди, дейди.

Онамиз тонгдан шомгача пахта теради. Мусобақада ғолиб бўлади. Байроқ олади. Сурати билан рўзномада чиқади.

Ой-куни бўлмаса-да, онамизни эгатда дард тутади.

Онамиз эгатда ичларини ушлаб-ушлаб вой-войлайди.

«Эркаклар билан тенг ҳуқуқли бўлмай мен ўлайин-а! — дейди. — Шарқда машъал бўлмай мен ўлайин-а!»

Оппоқ далани чала чақалоқ овози олади...

Физика кўз-кўз этиб пахта теради.
— Ана, ана! — дейди. —Кўраяпсанми? Ғўзани ушлаб турма — ғўза қочиб кетмайди. Икки қўлинг ҳам чаноқда бўлсин.

Мен Физика айтмишдайин тераман.

9

Кимё қийтиқда кафт карнай этади.
— Тушлик! — дея овоз беради.

Этагим тўлар-тўлмас бўлади. Тепкилай-тепкилай тарози орқалаб бораман.
— Уч кило! — дейди тарозибон. Болалар гурр кулади. Қийтиқда этак тўшайман.

Тўшагим-да этагим бўлади, дастурхоним-да этагим бўлади.

Нон билан чой тушлигим бўлади. Тушдан кейин икки кило тераман.

10

Етарда йўқлама бўлади.

Директоримиз кўп терувчиларни бир сафлаб улуғлайди.
— Машъалларни кўринг — ҳавас қилинг! — дейди. Оз терувчиларни бир сафлаб маззаллатлайди.
— Қолоқлардан ҳазар қилинг, ҳазар! — дейди. Директоримиз шўро пахтасидан нималар олинишини бармоқлаб-бармоқлаб санаб беради:
— Бир тонна совет пахтасидан икки минг тўрт юз йигирма метр газлама, саксон олти кило мой, икки юз йигирма олти кило кунжара, ўн беш кило кир совун... олинади! Шу сабабдан ҳам совет пахтаси «оқ олтин» дейилади! Совет «оқ олтин»ини термаслик — жиноят!

Тикка тура бериб, оёқларим зирқ-зирқ толади.

Ўзимни бир ўнг оёғимга ташлайман, бир чап оёғимга ташлайман.
— Эртага тайин бажараман, — дея қутуламан.

11

Эртаси Физика ўргатмишдайин тераман. Жон-жаҳдим билан тераман.

Ўн кило тераман— ўн кило! Ётарда тағин тикка тураман.
— Ўртоқлар, мен бугун бюрода бўлдйм! — дейди директоримиз. — Шахсан ўртоқ Мавлонов олдида бўлдим! Ўртоқ Мавлонов машъалларга офаринлар айтди!

Директоримиз қулоғимдан чўзади.
— Сен аталаларни эса жазолансин, деди, ҳа, жазолансин, деди! — дейди. Жазолайман, ҳа, жазолайман! Буни пахта фронти деб қўйибди! Пахта фронти жавобгарликка тортади! Пахта фронти қаматади!

Тикка тура бериб, уйқуларим келиб кетади.
— Эртаминан ғайрат қиламан, — дея сўз бераман.

12

Бир ҳафта ўтади, икки ҳафта ўтади.

Аззанча кучанмайин — ўз кучимдан зиёд теролмайман.

Ўн килодан ошиб ўтолмайман!

Ҳолдан тойиб-тойиб қоламан. Эгат ичида ўтириб-ўтириб қоламан.

Жуғрофия дала бошини олиб туради. Кимё дала адоғини олиб туради. Бирорта бола кўринмай қолса бўлди — дарров бақиради:
— У-ў, Эгамов, тур! У-ў, Назирова, нимага рўмолинг кўринмай қолди?! Тур, кун кетаяпти!

Мен мудраб-мудраб ўтираман.
— У-ў, Жамолиддинов, кармисан — индамайсаи?! Мен ўзимни эшитмасликка олиб ўтираман. Кимё эгат оралаб келади.
— У-ў, Жамолиддинов, нима бало, ўлиб-пўлиб қолдингми? — дейди.

Мен шунда-да тура бормайман.

Шунда, Кимё хивич билан оёқларимга солади.

Мен тура солиб пахта тераман.

13

Теримчилар тера беради —теролмовчилар кучаниб юраберади.

Директоримиз ёнади.
— Еганинг бурнингдан чиққурлар! — дейди. — Мен сенлар учун бюрода гап эшитдим! Ўртоқ Мавлонов бюро аҳли олдида изза қилди! Йўқ, мен сенлар учун изза бўлмайман! Ё пахта тердираман, ё териларингни шилиб оламан!

Директоримиз бир қулочча ғўзапоя тарашлаб келади.

Ғўзапоя учи шода-шода кўсак бўлади. Ғўзапоя учи кўк-кўк кўсак бўлади. Ғўзапоя учи моякдай-моякдай кўсак бўлади.

Директоримиз сафбоши Зиёд билан муқобил бўлади. Зиёдни иягидан тутамлайди.
— Нима учун оз терасан?! — дея зуғумлайди. — Айт, нима учун оз терасан?! Давлат сени нима учун ўқитаяпти?! Давлат сени нима учун боқаяпти?! Манави Қораев саксон-тўқсон кило теради! Қораевдан қаеринг зиёд, айт, қаеринг зиёд?!

Зиёд қалт-қалт жавоб беради:
— Қораев ўнинчи синф, мен бешинчи синф, масалан.
— Жириллама! Бешинчи синф билан ўнинчи синф фарқи йўқ! Бари катта синф саналади! Айт, нормани бажарасанми йўқми-бажарасанми йўқми!..

Директоримиз ғўзапоя билан Зиёд елкалари оша уради. Зиёд беллари оралатиб уради.

Зиёд билаклари билан бет-бошини пана этади. Зиёд зориллаб-зориллаб йиғлаб қўя беради:
— Бажараман, масалан, бажараман!.. Директоримиз мушт дўлайтириб-мушт дўлайтириб дўқлайди.
— Бажармай кўр—оёғингдан осаман! Бюро ана шундай деди!

14

Уйдан олиб келмиш бор кийимларимни етти қабат кийиб оламан. Телпагим қулоқларини тушириб оламан. Иягимдан айлантириб, бойлаб оламан.

Йўқламани ана шундай шайланиб қараб ўтираман!

Ниҳоят, директоримиз келади. Йўқлама бошлайди. Оз терувчилар отини айтади.

Оз терувчилар девор қоралаб саф бўлади.

Директоримиз оз терувчилар бировини лаб-лунжидан чўзади. Бировини телпаги билан бетига уради. Бировини пешонасидан кетига итариб ташлайди.

Директоримиз мен билан бетма-бет бўлади.
— Эй! — дея иягимдан кўтаради. — Жонинг борми ўзи?! Э, ўл-е, одам бўлганинг билан-е! Одам деган ўн килоям пахта терадими-а? Ўн кило-я?!

Мен, директоримиз мени камситаяпти, деб биламан. Мен, директоримиз бугунги муваффақиятимни кўриб-кўрмасликка олаяпти, деб биламан.

Боиси — бугун ўн бир кило терган бўламан, ўн бир кило!

Шу боис, ўзимни-ўзим оқлайман:
— Ўн бир кило... — дея минғиллайман. Директоримчз оғиз тўлдириб-оғиз тўлдириб ув-увлайди.
— У-у-у, ўн бир кило! — дейди. — Ўн бир кило-я, у-у-у! Бунча пахтани қандай қилиб тердинг-е? Қойил-е!

Муаллимларимиз пиқ-пиқ кулади.
— Сичқон бир кунда инига йиққан пахта ўн бир кило бўлади! — бақиради директор. — Жасадингни қара! Жасадингдан эшак ҳуркади! Ўл-е, шу кунингга-е! Менга қара, қачон нормани бажарасан?! Айт, қачон, қачон, қачон!..

Ғўзапоя елкаларим оралаб-оралаб тушади. Зарбли-зарбли тушади. Тарс-тарс тушади.

Иккита кўк кўсак елкаларимдан оёқларимга учиб тушади.

Уст-бошим етти қабатлигадан кўк кўсак таёқ ўтмайди.

Кўк кўсак таёқ энди қўлларим оралаб-қўлларим оралаб тушади.

Таёқ ўтади — ана шунда ўтади!
— Энажон, ўлдим-е, энажон-е!.. — дея зор-зор йиғлайман.
— Бажараман де, бажараман де!..
— Бажараман, жон домла, бажараман! Директоримиз бир оппоқ толани боши узра кўз-кўз этади»
— Ана, кўраяпсанми, ана! — дейди. — Пахта сиртидан ана шундай оппоқ бўлади!

Директоримиз толани чигитлайди. Ичидан чигитини олади.

Директоримиз қоп-қора чигитни кўз-кўз этади.
— Пахта аслида мана бундай ичи қора бўлади! — дейди. — Пахта — ичи қора мато! Пахта одамзотни индамай боплайди! У дунё-ю, бу дунё ўнгарилмас қилади! Бюрода ўртоқ Мавлонов ана шундай деди!

Директоримиз ёқамдан чангаллайди. Ердан даст кўтариб олади. Тағин ер ташлайди.
— Пахта сен мафкураси бузуқни кўзингни ўйиб олади! — дейди. — Биласанми, сен кимсан? Сен — босмачисан, босмачи!

Мен чинқириб-чинқириб йиғлаб қўя бераман. Мен ер тепиб-ер тепиб йиғлаб қўя бераман.

Мен жон-жаҳдим билан директоримизни тиззасига ёпишаман.

Мен директоримиз тиззасинн таталаб-таталаб ташлайман. Мен директоримиз тиззасини тишлаб-тишлаб ташлайман.

Муаллимларимиз орача этади.
— Ана, кўряпсизларми, ўртоқлар? — дейди директоримиз. — Қазисан, қартасан, ахир наслингга тортасан! Бунинг отаси Ақраб босмачи эди! Совет тузуми душмани пахта терармиди!

15

Алп-алп одимлаб бораман. «Қўлингни кўтар, босмачи!» Милтиқ ўқталиб-ўқталиб бораман. «Қимирлама, босмачи!»

Милтиқ тепкасини шарақ-шуруқлатиб бораман. «Отаман, босмачи, отаман!»

Бир қўл елкамдан ушлайда. Бетларимга шапатилайди.
— Кўзингни оч, Жамолиддинов, кўзингни оч! — дейди.

Ана шунда ўзимга келаман.

Тун қора бўлади.

Йўл чапи пахтазор бўлади, йўл ўнги ётоқ бўлади.

Мен йўл ўртасида бўламан.

Шу вақт тағин биров келади.
— Нима гап, Ҳамзаев? — дейди.
— Манави валдирвасар бўлиб кетиб бораяпти.
— Шабкўрдир-да.

Овозларни таниб оламан — бирови Жуғрофия бўлади, бирови Адабиёт бўлади.

Жуғрофия ўнг қўлимдан олиб келади, Адабиёт чап қўлимдан олиб келади.

Ётоқда болалар пиш-пиш қотади.

16

Ғўзапоя Зиёд елкаларида тарс-тарс этади. Ғўзапоя кўк кўсаклари учиб-учиб тушади. Ғўзапояда битта-да кўсак қолмайди.
— Сатторов! — дейди директоримиз. — Боринг, бошқа ғўзапоя олиб келинг!

Адабиёт чопқиллаб ташқарилайди. Бир ғўзапоя тарашлаб келади.

Ғўзани учлари кўсаксиз бўлади.
— Мен қоқчўп билан чилик ўйнайманми?! Боринг, кўсаклисидан олиб келинг!

Директоримиз шундай дея, ғўзапояни ташқари отади.

Адабиёт шода кўсак ғўзапоя олиб келади.
— Энди, ошпазни айтиб келинг!

Адабиёт ўнинчи синф қизни эргаштириб келади. Директоримиз ошпаз қизга рўйхат узатади.
— Эломонова! — дейди. — Эртадан бошлаб манави текинтомоқларга гўштсиз овқат берасан! Агар ушоқдай гўшт берсанг — кунингни кўрасан!

Шу-шу — косам гўшт кўрмайди.

17

Жива қошиғимни йўқотиб қўяман,

Ошпаз қиздан қошиқ сўрайин дейман — директоримизга айтади, дея қўрқаман.

Шу боис, Нуралини косасига қўшиламан.

Зиёд билан Мелиям қўшилади — улар-да қошиқ йўқотади.

Тўртовора бир коса бўламиз.

Қошиқ Нуралидан бошлаб айланади.

Нурали икков ичади — Мелига қошиқ ташлайди. Мели икков ичади — Зиёдга қошиқ ташлайди. Зиёд икков ичади — менга қошиқ ташлайди.

Гир-гир айланмиш қошиқдан кўз айирмай тураман.

Учов ичувчи бўлса — дарров билагидан қўшқўллаб ушлайман. Қўлидан қошиқни юлиб оламан.
— Учов ичдинг, учов! — дейман.

18

Ичим бураб-бураб қолади. Ичим қабз этиб-қабз этиб қолади.

Дардим ичимда бўлади.

Кундан-кун дармондан қоламан.

Мактаб футбол майдони бадрабхонамиз бўлади.

Каллаи саҳарлаб футбол майдонига чопқиллайман. Майдон дуч келмиш ерида ўтира қоламан.

Теварак-бошимга уйқусираб-уйқусираб аланглайман.

Теварагимда оёқ босар ер жуда-жуда кам бўлади.

Шунда, ажаб бир нималарни кўраман. Кўзларимни уқалаб-уқалаб кўраман.

Теварак-бошим қип-қизил қон бўлади! Теварак-бошим сап-сариқ қон бўлади! Теварак-бошим тўда-тўда қон бўлади!

Кўрмайин дея, чаккамни кафтимга қўйиб оламан. Кўзларимни юмиб оламан.

Бир маҳал биров елкамдан туртади.

Мен сесканиб кўзимни очаман — бошимда Зиёд туради.
— Ухлама, ичбуруғ! — дейди.

Мен лик этиб тураман. Кетимга қарайман. Футбол майдонда тағин бир тўда қон бино бўлади.

19

Тушлик чой қайнай бермайди. Мен офтобда чой қайнашини қараб ётаман. Шу маҳал дала йўлидан бир машина келади. Машинадан шляпали одам тушади.
— Ҳорманглар, болаларим! — дейди. Бригадир билан қўл бериб кўришади.
— Уф-ф, бир пиёла чой бер-е, барака топкур-е! — дейди.
— Чой энди қайнайди, — дейди бригадир. Шляпали одам хирмон бағрида ёнбошлайди.

Шляпасини хирмонга ташлайди.

Шу вақт тағин бир машина хирмон қоралаб келади.

Машинадан директоримиз тушади.

Директоримиз у ерда-бу ерда ётмиш болаларга бақиради:
— Бу нима ётиш?! — дейди. — Пахта фронти энангни уйими?! Мен ҳозир бюродан келдим! Сенларни деб ўртоқ Мавлоновдан эшитмаганларимни эшитиб келдим!
— Чой қайнасин, домла, чой қайнасин, — дейди ўнинчи синф.
— Сен тирранчаларга чойни ким қўйибди?! Ана, ариқ тўла сув — ариқдан ич!

Шунда, шляпали одам хирмондан бош кўтаради,.
— Ў-ў, домла, берман ҳайданг! — дейди. Директоримиз шляпали одамга қарайди-қарайди — таниёлмайди. Таниёлмаса-да, шляпали одам тараф юради.

Шляпали одам ёнбошлаб ётмиш кўйи қўл узатади.
— Камнамосиз, домла? — дейди. Директоримиз қўл берайинми-қўл бермайинми, зайлида қўл узатади.
— Ўзлари ким бўладилар? — дейди. Шляпали одам кафтлрини очиб айтади:
— Ҳашарчи. Мана шу болалардай бир ҳашарчи, — дейди. — Чойингиз қайнамади, домла. Энди сиз буюргандай, ариқдан ичамиз-да.

Шляпали одам шундай дея, машинаси тараф йўл олади.

Директоримиз шляпали одам кетидан қараб туради-туради — бригадирга ўнгалади..
— Бу ким бўлди? — дейди.
— Танимаяпсизми? Райком-ку.
— Райком? Қандай райком?
— Қандай райком бўларди — Мавлонов бова-да.
— Ўртоқ Мавлоновми? У киши далада нима қилиб юрибди?
— Далага самолёт келаяпти. Самолётдан олдин далаларни қараб юрибди.
— Ия, — дейди директоримиз. — Олдинроқ айтсангиз бўлмасмиди, ия.

20

Шу-шу — марказ, бюро, Мавлонов дегич гаплардан қутуламан.

Кейин-кейин биламан — директоримиз марказда пивохўр бўлиб-бўлиб қайтиб келиб юргич бўлади.

21-22

Кетма-кет уч ётар йўқлама бўлмайди. Кўк кўсак ғўзапоя бошим узра ўйнамайди. Далада муаллимларимиз қадамимни санамайди. Муаллимларимиз бири қўйиб бири жория этади:
— Мактабимиз социалистик мусобақада ғолиб келди!
— Мактаблар аро Кўчма Қизил Байроқни олди!
— Юздан зиёд ёрдамчи мактаблар орасида-я! Мен ҳур бўламан. Мен хуррам бўламан.
— Энди пахта термаймиз-а, домла? — дейман.
— Пахта термайсан? Энди пахта терасан-да!
— Қизил Байроқ бор-йўғи бир ойлик ишимиз учун берилди!
— Қизил Байроқ кучимизга куч қўшади!
— Қизил Байроқ зафарларга чорлайди!
— Ўртоқлар! — дейди. — Ҳақиқатан ҳам, ҳаммамиз учун ҳурматли ва азиз ўртоқ Дадабоев айтганларидай, коммунистик партия сафига қабул қилиниш шарафига эришишим осон бўлмади! Ўтган икки йил мобайнида мактабимиз ўқувчи-ёрдамчилари бирор марта ҳам Қизил Байроқ олиш шарафига муяссар бўлолмади! Бунда, маълум маънода ўзим айбдор бўлдим! Пахта йиғим-теримига масъулият билан ёндашмадим! Қаттиққўл бўлмадим! Партиявий принципиаллик кўрсатмадим! Ўртоқлар, мен ана шу йўл қўйган хато-камчиликларимдан тегишли хулоса чиқариб олдим! Мана, маълум муваффақиятларга эришдим! Мен бу муваффақиятга район халқ маорифи мудири, ҳаммамиз учун ҳурматли ва азиз ўртоқ Дадабоевнинг бевосита ва билвосита раҳнамолиги туфайли эришдим! Мен сиз ўқувчи-ёрдамчилар номидан, қолаверса, ўзимнинг номимдан, ана шу муваффақиятларим бош айбдори, ҳаммамиз учун ҳурматли ва азиз ўртоқ Дадабоевга миннатдорчилик билдираман!

Қарс-қарс қарсак бўлади.

Директоримиз қўли кўксида таъзим этади.
— Ўртоқлар! — дейди. — Эгизак фарзандларим оталари шонли коммунистик партия сафига қабул этилган улуғ айём кунларда дунёга келди! Мен шу улуғ санага бағишлаб, эгизак қизларимга шонли коммунистик партия асосчиларидан Роза Люксембург билан Клара Цеткин отларини қўяман! Бир қизимни Роза қўяман, бир қизимни Клара қўяман!

Чалп-чалп чапак бўлади.

Муаллимларимиз:
— Ура-а-а, ура-а-а! — дея чапак чалади.

Директоримиз ҳаминқадар ҳаволанади.
— Ишонаманки, — дейди, — эгизак қизларим Роза Люксембург ва Клара Цеткинлардай буюк марксистлар бўлиб етишадилар!

Оппоқ соч одам тантанали вазиятда директоримизга Қизил Байроқ топширади.

Оппоқ соч одам бўйсира бўйлаб юради. Олд саф болалар билан қўл бериб кўришади.
— Қутлайман, қутлайман! — дейди.

Оппоқ соч одам болалар кийим-бошларига разм солади. Болалар юз-кўзларига разм солади.

Ниҳоят, оппоқ соч одам мен билан муқобил бўлади. Менга қўл узатади.

Мен қўш қўлимни-да чўзаман. Оппоқ соч одам қўлини қўшқўллаб ушлаб оламан.

Оппоқ соч одам бош-адоғим бўйлаб қарайди. Билинар-билинмас бош чайқайди.
— Қўлларингизни қаранг, қўлларингизни, — дейди. — Бу қўл эмас — косов бўлибди. Елкаларингизни қаранг, елкаларингизни. Бир елкангиз юқори, бир елкангиз қуйи. Бу елка эмас — қинғир-қийшиқ темир-терсак бўлибди. Қуриб кетгур пахтадан нималар келмайди-я.

Оппоқ соч одам ранги ўчади. Қизил Байроқ олдига қайтиб боради.

Оппоқ соч одам болаларга ўйчан-ўйчан боқиб қолади.
— Болаларим... — дейди.

Оппоқ соч одам лабларини чўччайтириб-чўччайтириб ўйлаб қолади.
— Болаларим... — дейди. — Мен сизларни бола дейишгаям тилим бормаяпти. Сизлар катталар ҳаётини бошдан кечираяпсиз. Сиз кўраётган кунлар болалик эмас — қарилик. Қачон боладай бўлиб кун кўрасиз — унисини пахтадан сўрайсиз.

Оппоқ соч одам директоримиздан Қизил Байроқни олади.
— Болаларим, манови Кўчма Қизил Байроқ. Ўз оти ўзи билан Кўчма, — дейди. — Кўчма Қизил Байроқ шу вақтгача бировга вафо қилмади — сизгаям вафо қилмайди. Бир кило кам терсангиз бўлди — қўлингиздан бошқа биров қўлига кўчиб ўтади-кетади. Шундай экан, Қизил Байроққа кўп сажда қила берманглар. Қизил Байроқни сақлаб қоламан деб, кўп кучана берманглар. Қўлларингиздан келганича тера беринглар.

Оппоқ соч одам Қизил Байроқни директоримизга қайтиб беради. Қўлларини қорин қовуштириб-қорин қовуштириб туради.
— Болаларим, — дейди, — бизнинг юртга Амир Темурлар керак. Бизнинг юртга Бобурлар керак. Бизнинг юртга Улуғбеклар керак. Жуда, жуда керак! Аммо сизлар Темур бўлолмайсизлар, сизлар Бобур бўлолмайсизлар, сизлар Улуғбек бўлолмайсизлар. Лекин юртга тўрт мучали бус-бутун одамлар керак. Лекин юртга соғлом-соғлом одамлар керак. Шундай экан, ўзларингизни-ўзларингиз авайлангизлар, болаларим!

Ўнинчи синф ер тепиб-ер тепиб қарсак чалади.

23

Пахтакорлар ёрдамчиларга ўлигини ташлаб олади.

Далада нима иш бўлади — бригадир директоримизга келади.
— Пахта ортишга учта бола беринг.
— Пахта туширишга иккита бола беринг.
— Дори сепишга битта бола беринг, — дейда. Бригадир айтмиш ишлар қнйин ишлар бўлади. Қийин бўлса-да, болалар мен борайин-мен борайин, дея талашади. Боиси — болалар бир кун бўлса-да, пахта теришдан қутулайин, дейди.

Директоримиз бундайчикин ишлар учун оз терувчиларни жўнатади.

Эрталаб бригадир тағин сарғаяди.
— Самолётга йўл кўрсатувчи беринг, — дейди.

Бу сафар катта болалар ўзларини олиб қочади. Талашиб-тортишмайди.
— Жамолиддинов! — дейди директоримиз. — Олға! Мен бўйсирадан отилиб олдинлайман. Директоримиз қалами учи билан мени брагадирга кўрсатади.
— Мана, манавнни олинг! — дейди. Бригадир мени бош-оёқ қараб олади.
— Домла, буниншз ғўзалар ичида кўринмайдию? — дейди.

Бўйсира пиқ-пиқ кулади.
— Кўринади! — дейди директоримиз. — Байроқча дастасини узунроқ қиласиз — кўринади!

Бригадир мени улкан туткунда олдига эргаштириб боради.

Туткундада бир одам байроқ ясаб ўтиради.
— Сопини узунроқ қил, — дейди бригадир. — Манавини бўйига қараб қил.

Байроқчи одам бўй-бастимдан лаб буради.
— Жонлироғи йўқмиди? — дея тўнғиллайди. Байроқчи калтароғини ташлайди. Узунроқ хода олади. Хода учига бир қулочлик чўпни қоқ белидан михлаб қоқади. Уч қаричча қуйироқдан тағин бир чўпни бел қилиб михлайди. Хода бир тарафига оппоқ сурп ёйиб тикади. Тағин бир тарафига қизил сурп ёйиб тикади.

Байроқ — қовунпалак қўриқловчи мисол бўлади.

Байроқчи байроқни олдимга дўқиллатиб қўяди.
— Ана, дафтар-қалам! — дейди.

Мен байроқни кўтариб-кўтариб кўраман. Бир қўлим билан кўтаролмай, қўшқўллаб аранг кўтараман.

«Оғир бўлса-да майли, — дейман. — Ўлиб пахта тергандан кўра, шуни кўтариб юра бераман».

Байроқчи мени далама-дала эргаштиради. Юражак йўлларимни тайинлайди. Туражак жойларимни тайинлайди. Бажаражак юмушларимни бот-бот баёнлайди.

Байроқчи ажи-бужи дорилар билан булғанмиш жанда чопон беради.
— Манави танапўш, — дейди. — Жайдари танапўш. Танапўш чопон йиртиқ-йиртиқ бўлади. Танапўш чопон қўланса ис-қўланса ис бўлади.

24

Саҳармардонда футбол майдон тараф чопаман. Физика билагимдан ушлаб қолади.
— Далада... ўша далада... — дейди. Ўша дала тараф чопаман.

Туткунда остидан байроқ билан жанда чопонни оламан.

Ўқариқ бўйлаб қадамлайман-қадамлайман—дала қоқ бошида оёқ иламан.

Салқин саболар этимни увуштиради.

Шунда, элас-элас самолёт овози эшиталади.

Хиёл ўтади — самолёт ўзи келади. Самолёт дала узра бир айланиб қайтади.

Самолёт энди мени мўлжаллаб келади.

Мен апил-тапил жанда чолонни ёпинаман. Байроқни олдин елкамга оламан. Ундан бошим узра кўтараман.

Байроқ оғирлигидан далбанглаб-далбанглаб оламан.

Бор кучим билан кучанаман. Тишимни тишимга босаман. Ост лабимни тишлаб оламан. Юзларим лов-лов ёниб тураман.

Жанда чопон тешикларидан мўралайман — самолёт мени нишонлаб келади.

Самолёт байроққа тегайин-тегайин дея учади. Самолёт тизз-тизз дори сепиб-сепиб учади.

Мен жанда чопон йиртиқларидан учувчини кўраман.

Самолёт кўтарила-кўтарила олислайди.

Мен жанда чопон ичидан калламни чиқараман.

Димоғим шундай бир заҳарда қолади, шундай заҳарда қолади!

Мен кучаниб-кучаниб ўқчийман. Томоғимдан бир нима ана отилиб чиқайин дейди, мана отилиб чиқайин дейди.

Ўқчий бериб-ўқчий бериб, кўз олдим қора бўлади...

Оҳиста-оҳиста ўзимга келаман. Теварак-бошимга назар соламан.

Жанда чопон сап-сариқ бўлади. Ўқариқ бўйлари сап-сариқ бўлади. Ғўза барглари сап-сариқ бўлади.

Мен байроқчи баёнини карахт-карахт ёдлайман: ЯК-12 самолёт дори сепса — нақд саккиз қадам санаб ташланади. АН-2 самолёт дори сепса — нақд йигирма уч қадам санаб ташланади.

Мен чап тараф узун-узун қадамлайман. Санаб-санаб қадамлайман:
— Бир, икки, уч...

Роппа-роса йигирма учинчи қадамда оёқ иламан.

Боиси — бизнинг самолёт АН-2 бўлади.

Мен йигирма учинчи қадамда байроқ кўтариб тура бераман.

Самолёт бошим узра тизз-тизз дори сепиб ўтади.

Мен оҳиста-оҳиста самолётга эл бўламан.

Мен энди қабатма-қабат далага ўтиб тураман.

Самолёт бир сидра тизиллатиб ўтади...

Қуюқ ғўзалик-қуюқ ғўзалик далаларда икки бор дори сепилади. Боиси —илк дори ғўза уст-уст баргларида қолади. Қайта дори эса ғўза ости баргларигачайин тушиб боради.

Ушбу дала ана шундай дала бўлади.

Шу боис — мен жойимда қимир этмай тура бераман.

Самолёт икки сидра дори сепиб ўтади.

Мен жанда чопонни силаб-силаб кўраман — кафтларим бинойидак ҳўл бўлмайди. Мен ғўза баргларини ушлаб-ушлаб кўраман — бармоқларим бинойидай ҳўл бўлмайди.

Шу боис, байроқ дастаси учидан ушлайман. Байроқни тўнтариб оламан. Байроқ оқ-қизилини оёқларим олдига тўнтариб тураман. Байроқдаста учини пешонамга теккизиб тураман.

Ушбу ҳолат мана бундай дейди:

«Самолёт бинойидай дори сеполмаяпти,

самолёт бинойидай дори сеполмаяпти!»

Учувчи байроқ тилини уқиб олади.

Самолёт бошим узра тағин бир сидра тизиллатиб ўтади.

Бу сафар бинойидай сепади.

Кун тутлар учини чалиб кетади. Нам салқиндан файз кетади.

Ғўза оралаб-ғўза оралаб келаман — уст-бошим шудринг бўлмайди. Барг сийпалаб-барг сийпалаб келаман — кафтларим шудринг бўлмайди.

Шу боис, байроқни бошим узра айлантираман. Чапдан ўнгга айлантираман. Доира сувратида айлантираман:

«Баргларда шудринг йўқ — дори сепманг,

баргларда шудринг йўқ — дори сепманг!»

Энди байроқни бошим узра бир чапимга чайқайман, бир ўнгимга чайқайман.

«Дори сепиш тамом бўлди, дори сепиш тамом бўлди!»

Учувчи байроқ тилини уқиб олади. Учувчи самолёт қанотларини соллантириб чайқаб-соллантириб чайқаб олади:

«Англадим — дори сепиш тамом бўлди,

англадим — дори сепиш тамом бўлди!»

Учувчи ана шундай дея-дея, манзил-макони тараф равона бўлади.

Мен умримда биринчи бор самолётни ана шундай яқиндан кўраман. Мен умримда биринчи бор учувчини ана шундай яқинидан кўраман.

Мендан саодатманд бўлмайди!

25

Етарда болалар ҳавас билан ҳол сўрайди.
— Қандай? — дейди.

Мен бошмалдоғимни нарра этиб кўрсатаман.
— Мана бундай! — дейман. — Мазза!
— Учувчини-да кўрдингми?
— Кўрмай нима! — дейман. — Учувчн менга мана бундай қилиб қўл силкиди!
— Сенга-я?
— Эса-чи, менга бўлмай кимга — менга-да!
— Сен нима қилдинг?
— Нима қилар эдим— қўл силкидим-да!
— Ёрил-е, уккағар-е, ёрил-е!

Илғор теримчилар куйиб-куйиб қолади.
— Учувчи-да шабкўр экан-да, — дейди. — Келиб-келиб, ўн бир килочига қўл силкийдими?

26

Тағин каллаи саҳарлаб этик кия-кия ташқарилайман. Зинага оёқ ташлайман...

Оҳиста кўз очаман. Кўз қирим билан ёнбошларимга қарайман.

Мен муаллимларимиз ётоғида ётмиш бўламан.
— Болани тезроқ турғазиш керак, — дейди директоримиз.
— Қўйинг, ётсин, — дейди муаллим. — Бечора бола зинадан ёмон учиб тушди.
— Бовужуд, ёнбоши билан тушди.
— Боши билан тушса калласи ёриларди.
— У дорини бутифос деб қўйибди.
— Бутифос ёмон-е, ёмон!
— Ўртоқ директор, энди болани дори сепилувчи далага юбориб бўлмайди.
— Онасини биласиз — кимсан Болхин теримчи.
— Болхин теримчи бўлса нима бўпти? — дейди директоримиз.
— Болхин теримчи обрў-эътиборли аёл. Болага бир нима бўлиб қолса, онасидан балога қоламиз.
— Унда, кимни юборамиз, айтинглар? — дейди директоримиз. — Фақат оз терадиганлардан бўлсин. Йўқлама дафтарни ўқийман: Жалилов Хуррам?
— Бўлмайди — отаси учига чиққан аризабоз.
— Бир гап бўлса Тошкангача ёзади.
— Ёзишни қўйинг, идорама-идора чопади.
— Оти катта бор — қабулига киради.
— Унда, бўлмайди. Қорабоев Абил?
— Абил мерганни ўғлими? Э-э; қўйинг-қўйинг.
— Нимага қўямиз?
— Абил мерганни билмайсизми?
— Биламиз! — дейди директоримиз. — Мерган бўлса ким бўпти?
— Манави синф раҳбаридан сўранг, айтиб беради.
— Буёқ чин айтаяппи, ўртоқ директор. Абил мерган одам эмас. Бир сафар боласини дарсда бир-икки туртиб эдим — отасига бориб айтибди. Бир. маҳал Абил мерган уйимизга бостириб борса бўладими. Елкасида милтиқ!
— Милтиқ?
— Ҳа-да, милтиқ бўлгандаям — қўшоғиз милтиқ! Дарвозадан, қани жаллод деб бақиради-да. Аёлимиз уйда йўқ, десаям кетмайди. Милтиғини уйимизга пешлайди. Тепкисини шақур-шуқурлатади. Ўша жаллод буёққа бир қарасин, дейди.
— Қарадингизми?
— Қараб бўладими! Мерганга одам билан бўрини нима фарқи бор — пақиллатиб отади-қўяди-да. Шундан буён боласини чертолмай қолдим.
— Хавфли шахс, хавфли! — дея бош сараклайди директоримиз. — Чўлибоев Зиёд?
— Бир қари онаси бор.

Директоримиз шаҳодат бармоғини нишлайди.
— Ана шу бўлади! —дейди. Муаллимларимиз ташқарилайди.

27

Мен тушларда ўзимга келаман. Ошпаз қиз турғазиб олади.
— Тур ўчоққа ўт ёқ, — дейди. — Директор тайинлаб кетди.

Ўчоқ қошида чўк тушиб ўт ёқаман. Қозонда билқ-билқ қайнамиш шўрва кўнглимни айнитади.

Мен ўқчиб-ўқчиб ўт ёқаман.

28

Йўқламада Зиёд йўқ бўлади.

Директоримиз Физика билан Кимёни дориланувчи дала жўнатади.

Муаллимларимиз ҳаяллаб-ҳаяллаб қолади.

Директоримиз бизни ухлатмай олиб ўтиради.

Ниҳоят, муаллимларимиз қайтиб келади.

Олдин Зиёд кириб келади. Остонада кўзларини уқалаб-уқалаб туради. Мудраб-мудраб туради. Гап йўқ, сўз йўқ —ўз тўшаги тараф юради. Ўзини тап этиб тўшакка ташлайди.

Директоримиз бармоқ ликиллатиб-бармоқ ликиллатиб ўзига имлайди.
— Эй, бери кел! — дейди. —Тур, бери кел!

Зиёд директоримиз олдига боради. Теварак-бошига аланглайди-аланглайди — ўзини хиёл ўнглайди. Аланглашидан — Зиед теваракда ўтирмиш болаларни энди кўради.

Директоримиз Зиёдни лунжидан чўзади.
— Мастми дейман! — дейди. — Буни қаердан топдиларингиз-е?
— Даладан топдик, — дейди Физика. —Далада одамзот қораси йўқ, лекин шу бор экан.
— Чўлибоев, Чўлибоев, деб қичқириб эдик, ғўзалар ичидан шитир-шитир этиб чиқиб келди, — дейди Кимё.
— Қоронғида ғўза ичида нима қилиб юрибди экан? — дейди директоримиз.
— Нима қилар эди, ухлаб қолибди-да.
— Ўл-е, шу кунингга-е! — дея бақиради директоримиз. — Дориланган ғўза ичидаям ухлайсанми-а? Ухлаш учун бошқа жой қуриб қолганми-а?! Ўл-е, бор-е, ёт-е!!

Директоримиз Зиёдни кўксидан итариб юборади. Зиёд кети билан гуп этиб тушади.

29

Зиёд шу ётишида қайтиб турмайди. Эртаси-да турмайди. Индини-да турмайди. Жойидан қимир этмайди. Кўз очмайди, туз тотмайди.

Мен Зиёдни оғзига чой совутиб тутаман.
— Чой ич, Зиёд ошна, чой ич, — дейман. Зиёд лабларини олиб қочади.

Зиёд мумсик-мумсак кулимсинади.

Зиёд шундай кулимсинади, шундай кулимсинади — бешикдаги чақалоқдай кулимсинади!
— Туш. кўрдим, Деҳқонқул ошна, туш кўрдим, — дея пичирлайди.
— Туш кўрдинг! Нима туш кўрдинг?
— Самолёт кўрдим, масалан.
— Эловрама, Зиёд ошна, эловрама. Сомолётни далада кўриб эдинг.
— Тушимда-да самолёт кўрдим. Деҳқонқул ошна, тушимда-да самолёт кўрдим. Мен тушимда самолёт ҳайдар эмишман, масалан. Ўзимиз пахта тераётган далани айланиб-айланиб ҳайдар эмишман. Болалар менга қўл силкиб-қўл силкиб қўяр эмиш. Мен қўл силкимас эмишман, масалан. Сабаби — қўлларим рулда эмиш-да. Деҳқонқул ошна, қўлларим рулда эмиш. Бор овозим билан ашула айтиб-айтиб самолёт ҳайдар эмишман. Директор кўк кўсак ғўзапоя ўйнатар эмиш... Эй, ичбуруғ, сенга самолёт ҳайдашни ким қўйибди, дер эмиш. Мен парво қилмас эмишман, масалан. Директор энди дағдаға қилар эмиш... Туш самолётдан, дер эмиш. Мен ашула айтиб-айтиб самолёт ҳайдай берар эмишман. Самолётимни айлантириб-айлантириб футбол майдонга қўндирар эмишман. Футбол майдондан чўнқайиб-чўнқайиб ўтарган бери бешинчи синфни самолётимга миндириб олар эмишман. Мен бешинчи синфни миндириб уйимизга жўнар эмишман, масалан. Директор кетимиздан ғўзапоя ўйнатиб қола берар эмиш...
— Мениям самолётингга миндирасанми, Зиёд ошна?
— Миндираман, Деҳқонқул ошна, миндираман, Фақат директорни миндирмайман. Директор қўл қўтарса-да самрлётимга миндирмайман, масалан...

30

Қош қорая бериб-қош қорая бериб, даладан қайтаман.

Ичкари ҳадаҳалайман — Зиёд ошнам ҳолини сўрайин дейман.

Аммо Зиёд ошнам жойида йўқ бўлади.

Ташқариларни айланиб-айланиб қарайман — Зиёд ошнам йўқ бўлади.

Ошпаз қиз ўчоқ бошида ҳиқ-ҳиқ йиғлаб ўтиради.
— Зиёд кетди, —дейди. — Зиёд энди қайтиб келмайди...

Болалар бир бурчакда ғуж бўлиб олади. Нима қилишларини билмайди.
— Нима қилиб турибсизлар? — дейди ошпаз қиз. — Косаларингни олиб келинглар, овқат сузиб бераман.
— Зиёд қани? — дейман.
— Зиёд кетди, деяпман-ку, Зиёд кетди...
— Зиёд қаёққа кетди?
— Зиёд... норасида кетди!

Болалар дувв-дувв йиғлайди. Болалар ҳўнг-ҳўнг йиғлайди.

Йиғламаган бола қолмайди.

Мен бари айбни ўзимдан кўраман.
— Ғўза ичида ухлама, деганимда, Зиёд ошнам кетмас эди... — дея йиғлайман.

31-32

Бир оёғим тўшакда бўлади, бир оёғим футбол майдонда бўлади.

Шунда, тимирскиланиб-тимирскиланиб юрмиш қизларга кўзим тушади.

Қизлар-да футбол майдонга қатнар бўлибди-да, дея ўйлайман.

Гап-сўзлардан билиб оламан — йўқ... ундай эмас бўлади,

Бугун чин арафа бўлади.

Қизлар бурчак-бурчакларда тўда-тўда бўлиб соч ювади.

Қизлар саҳарда турнақатор далалайди. Қизлар бир хушрўй бўлади, бир хушрўй бўлади!

Қизлар қошида кўк-кўк ўсма бўлади. Қизлар юзида ялт-ялт мой бўлади. Қизлар либосида бўй-бўй атир бўлади.

Айниқса, ўнинчи синф Зулайҳодан хушбўй-хушбўй атир анқийди.

Мен беихтиёр Зулайҳо кетидан эргашаман. Зулайҳони тўйиб-тўйиб искайман.

Зулайҳо эгат тушади.

Мен Зулайҳо бнлан иргама-ирга эгат тушаман.

Мен бурнимни Зулайҳо тарафга қаратиб-қаратиб пахта тераман. Қўлим чаноқда бўлади, бурним Зулайҳода бўлади.

Мен Зулайҳони искаб-искаб пахта тераман!

Мен Зиёдни онасига қўшилиб йиғлайман.
— Бари айб мендан бўлди, — дейман. — Ғўза ичида ухлама, деганимда, Зиёд ошнам кетмас эди...

Мен кўзларимни қўлим сирти билан артиб-артиб йиғлайман. Мен Зиёдни уст-бошнга қараб-қараб йиғлайман.

Шунда, кўз олдим жимир-жимир этади. Жимир-жимирни офтоб зиё деб бўлмайди.

Мен тағин-да яқин бориб қарайман, Кўзларимни артиб-артиб қарайман.

Зиёдни уст-боши ғиж-ғиж... бит бўлади! Тикишлардан бит уради! Йиртиқлардан бит уради! Офтобиёрд1 ғимир-ғимир этади! Мисоли нур жимирламиш бўлади!

Юзларим лов-лов ёнади —Зиёд учун-да орланаман, ўзим учун-да орланаман!

Боиси — баданимда ғимирламиш битларим Зиёдни битларидан зиёд бўлса бўлади — кам бўлмайди!

Мен юзларимни чет бураман. Мен кўзларимни олиб қочаман.

Зиёдни онаси энди овоз бериб-овоз бериб йиғлайди. Шунда, штабдан директоримиз чиқиб келади.
— Нима гап, ўртоқлар? — дейди. Директоримиз Зиёдни онасини кўриб ранги ўчади.
— Бизда нима айб, момо, — дейди директоримиз. — Бизда нима айб. Буни ўз оти ўзи билан пахта фронти деб қўйибди. Фронт қурбонсиз бўлмайди.

Директоримиз Зиёдни онаси елкасига қўлини қўяди.
— Болани ўзи пахта ичида қолибди-да, — дейди директоримиз. — Ким билади, бирон нимага йўлиққанми. Сизлар эскичани яхши биласизлар-ку...

Мен директоримиз кўрмасин дея, Зиёдни уст-бошини симдан тортиб-тортиб оламан. Бўхчага солиб-солиб қўяман.

Директоримиз Зиёдни онасини қишлоғимизга қайтариб жўнатмоқчи бўлади.

Аммо Зиёдни онаси кўнмайди.
— Улим йўлиққан жойни кўрсатинглар! — дейди. Директоримиз менга имо беради.
— Майли, олиб бор, — дейди. — Кейин, қишлоқ йўлига солиб юбор.

33

Мен Зиёдни онаси оёғидан олиб юбораман.

Ўзим эшак олдида бораман.

Зиёдни онаси Зиёдни йўқлайди.
— Зиёд кетишидан олдин бирон нима демаб эдими? — дейди.
— Деб эди, — дейман.

Зиёдни онаси бирдан сергакланади, Зиёдни онаси таққа нўхтани тортади.
— Нима деб эди? — дейди. — Айт, нима деб эди?
— Деҳқонқул ошна, сени самолётимга миндираман, деб эди.
— Тағин нима деб эди?
— Тағин, директорни самолётимга минднрмайман, деб эди.

Зиёдни онаси зарда билан эшак ниқталайди.

Мен дориланган дала бошида оёқ иламан.

Зиёдни онаси эшагидан имиллаб ерлайди. Ерда серрайиб қолади. Теварак-бош қарайди.

Зиёдни онаси тутлар орасида пайпанглаб аланглайди. Зиёдни онаси ўқариқларда пайпанглаб аланглайди. Зиёдни онаси ғўзалар остида пайпанглаб аланглайди.
— Бу жойни оти нима? — дейди.
— Пахтазор, — дейман.
— Пахтазорда пахтадан бошқа нима бўлмаса, улим нимага йўлиқади?

Зиёдни онаси кафтини пешонаси соябонлаб қарайди. Бирон-бир нима топаманми, дейди— тополмайди.

Зиёдни онаси сукут олиб қулоқ солади. Бирон-бир нима эшитаманми, дейди — эшитолмайди.

Ана шунда Зиёдни онаси пахтазор қараб-пахтазор қараб чақиради:
— Зиёд-у-у-у!

Мен Зиёдни онаси қўлидан тортиб-тортиб йиғлаб қўя бераман.
— Юринг кетамиз, момо! — дейман. — Юринг кетамиз, ҳозир самолёт келади!

Зиёдни онаси гапимни корламайди. Энтикиб-энтикиб чақиради:
— Зиёд-у-у-у!

Зиёдни онаси ўпкаси тўлиб-тўлиб чақиради:
— Зиёд-у-у-у!

73

Мен бир амаллаб Зиёдни онасини эшакка миндираман. Мен бир амаллаб эшак нўхтасидан етаклаб оламан.

Зиёдни онаси пахтазорга боқиб-боқиб йиғлайди:
— Вой болам-ай, пахтага йўлиққан болам-ай!..

Зиёдни онаси пахтазорга айтиб-айтиб йиғлайди:
— Вой болам-ай, пахта уриб кетган болам-ай!..

Тўртинчи боб

1

Ер ҳайдасанг куз ҳайда, куз ҳайдамасанг юз ҳайда!

Ўйнаб қўяй! Мақолдан-да ўйнаб қўяй, шу мақолни айтмиш элдан-да ўйнаб қўяй!

Мен далаларимга темиртиш солдим. Далаларимни қирқ сантим ўйиб ҳайдадим.

Қирқ сантимдан чуқури ҳаво кўрмаган ер бўлади. Сув кўрмаган ер бўлади. Ўлик ер бўлади!

Ер чуқур ҳайдалса — ана шу ўлик ер юзалаб-юзалаб қолади.

Ўлик ерда чигит қийғос унмайди. Ўлик ерда ғўза ўз вақтида етилмайди. Ўлик ерда пахта ҳаяллайди.

Мен темиртиш билан далаларимни ёнбошлаб-ёнбошлаб ҳайдадим. Мен темиртиш билан далаларимни палахсалаб-палахсалаб ҳайдадим.

Далаларим ости устун бўлди, далаларим усти остин бўлди.

Далаларимда кўрсичқонлар ўрмалаб чопди. Далаларимда кўрсичқонлар йўрғалаб чопди.

Ҳа, ўйнаб қўяй, бидир-бидир йўрғалашларингдан, ўйнаб қўяй, дедим.

Кўрсичқон ер ковлай беради, ер ковлай беради — далаларимни мулойимлайда-да. Кўрсичқон бир ер ости, бир ер усти бўйлаб бидирлай беради-бидирлай беради — ер ости ҳаво йўлларини очади-да. Кўрсичқон ер остини шамоллатиб-шамоллатиб туради-да.

Шу боисдан кўрсичқон бор дала семиз-семиз келади. Кўрсичқони бор дала унумли-унумли келади.

Далаларим ғимир-ғимир чувалчанг бўлди.

Мен тағин-да хушвақт бўлдим — чувалчанг бор дала даламисан-дала бўлади. Чувалчанг бор дала далалар гултожи бўлади. Чувалчанг бор дала далалар хўрози бўлади!

Боиси — чувалчанг ерда бор бўлмиш жами нимани чиритиб-чиритиб ўғит этади. Чувалчанг ерни қайта-қайта ишлайди. Чувалчанг ерни майин-майнн сақлайди.

Далаларимда оппоқ-оппоқ қуртлар-да бўлди.

Темиртиш изидан қарғалар эргашди. Темиртиш изидан қушлар эргашди.

Қарғалар оққурт овлаб еди. Қушлар чувалчанг териб еди.

Мен қарғалар қилмишидан рози бўлдим — оққурт ҳэшаротлар онаси бўлади. Катта бўлса, қанот олиб учади.

Қош қорайди.

Мен трактор чироқларини ёндирдим.

Чироқ ёруғида тулкилар қора берди.

Тулкилар темиртиш кетидан эргашди. Тулкилар қўнғиз териб-қўнғиз териб еди.

Тулкилар қаердан келди, қачон келди —унисини ёлғиз товуқлар билди.

2

Уйимизда нимамиздир йўқдай бўлди, уйимизда нимамиздир камдай бўлди.

Бола-бақраларимни қарадим, — бари омон-эсон бўлди.

Мол-ҳолларимни санадим — бари тугал бўлди.

Товуқларимни санадим — товуқларим-да тугал бўлди.

Унда кимим йўқ бўлди, унда нимам йўқ бўлди?

Мен ўйлаб-ўйлаб топдим — айвонимиз шипида ҳаёт қечирувчи қалдирғочларимиз йўқ бўлди.

Қалдирғочларимиз қаёққа кетмиш бўлди?

Қаёққа бўларди — Афғонистонга-да. Амударё ўнг бети Афғонистон-да. Илиқ юрт оти бўлади — қалдирғочлар юрти бўлади-да.

Қалдирғочлар афғон юртга сафарлабди — куз охирлабди-да.

3

Бир далам юзи оппоқ-оппоқ бўлди. Бу не бўлди? Эрта тушмиш қор бўлдими ё қиров бўлдими?

Бир вақтлар ана шу далам ғуж-ғуж қамишзор эди. Қирғовулзор эди.

Деновдан беш-олти қур келди. Қурлар ана шу қамишзорни теп-текислади. Пол-поллади. Шолипоя этди.

Қамишзорда шундаям шоли бўлмоқлик қилди, шундаям шоли бўлмоқлик қилди-е! Қурлар ўз шолисини ўзи ташиб ололмай қолди!

Шунда қурлар бизга-да бир халтадай гуруч берди.

Ана шунда қозонимиз гуруч кўргандай бўлди! Ана шунда қорнимиз палов егандай бўлди!

Аммо... катталар қурларни кўп кўрди.
— Ўзбекистон Қурия эмас! — дея дўқлади.

Шу-шу — қурлар қорасини қайтиб кўрсатмади.

Шолипоя пахтазор бўлди.

Мен мазкур даламни сувлаб эдим — ер усти сувни ер остига қараб сингди-сингди — ер ости суви билан қўшилди. Шунда, ер ости суви тупроқ қил-қил нозик йўлларидан ер бетилаб келди. Ер ости суви ер бетида буғланди-буғланди — ҳаволаб учиб-учиб йўқолди.

Ер бетида ана шу оппоқ-оппоқ тузлар қолди.

Мен ушбу даламни учта полладим. Полларни тизза бўй-тизза бўй марзаладим. Марзаларни бел юзи билан тарс-тарс уриб зичладим.

Полларни айлантириб ариқ қазидим. Ариқ энди бир кетмон энича бўлди. Ариқ чуқурлиги тизза бўйича бўлди.

Учта полни-да лаболаб-лаболаб сувладим. Кўллатиб-кўллатиб сувладим.

Кечаю кундуз пол айландим. Марзалаб бўйлаб-бўйлаб айландим.

Сув марзаларни уриб кета берди-уриб кета берди.

Мен сув уриб кетмиш жойларни кетмон билан битай бердим-битай бердим.

Сув кўллади-кўллади — далам шўрини остига босиб-босиб юбора берди. Далам шўрини ер ўлик қатламига чўктириб-чўктириб юбора берди.

Ер бетида қолмиш шўрни эса сўриб-сўриб ола берди. Оқова сув бўлиб оқиб-оқиб кета берди.

Шўр даламни икки бор ана шундай кўллатиб-кўллатиб сувладим.

Шўр далам шўрдан фориғ бўлди.

4

Далаларим узра мезонлар учмай қолди. Далаларим узра сокин ҳам ғамгин бир ҳолат чўкди.

Далаларим мудраб-мудраб олди.

Далаларим кўз илиб-кўз илиб олди.

Далаларим уйқуга кетди.

Мен энди далаларимга қўл уришдан тийилдим.

5

Далаларимдан қор ариди.

Узун қиш қорайиб-қорайиб ётмиш далаларим ерранг-ерранг бўлди.

Далаларимда омонат-омонат қотиб ётмиш кесаклар умалиб-умалиб тупроқ бўлди.

Далаларим кўпчиб-кўпчиб қолди.

Далаларим тўлғонди.

Далаларимдан оппоқ-оппоқ ҳовур ҳаволанди. Далаларимдан элас-элас овоз ҳаволанди.

Овоз далаларим остидан келдими ё олислардан келдими — билиб бўлмади.

Далаларим хўрсинди.

Овозда ранг-рўй-да бўлмади, овозда бўй-баст-да бўлмади. Овоз дейин дедим — овозга менгзамади, овоз демайин дедим—овоз шундай пешонамдан келди.

Далаларим энтикди.

Далаларим уйғонди. Далаларим кўз очди.

Далам мени имлади, далам мени чорлади.

6

Бир тонна гўнгга йигирма кило калий аралаштирдим, йигирма кило фосфор арашлатирдим.

Далаларимга сепиб-сепиб ташладим.

Ер — хамир, ўғит — хамиртуруш бўлди.

Далаларимни такрор шудгорладим. Далаларим чет-четлари чала қолмасин учун чорсилаб-чорсилаб шудгорладам.

Шудгор кетидан Дилнавоз солдим.

Дилнавоз — длина базовой гридёр нож — 4, дегич техника. У ер текислайди. Узунлиги ўн қадамни олади. Тўрт оёғи билан тўрт қулочлик кетмони бўлади.

Бундайчикин бир қулоч отни айтиш учун менда тил қани? Бундайчикин отни айтиш учун менда вақт қани? Бундайчикин отни айтаман дегунимчайин кун кеч бўлади!

Шу боисдаи мен уни Дилнавоз, дея атадим. Мен ана шу Дилнавозим билан шудгорни кўндаланглаб-кўндаланглаб ҳайдадим. Шудгорни белидан қирқиб-белидан қирқиб ҳайдадим. Дилнавозим билан шудгор ҳаворладим.

7

Қиш оладан, ёз моладан, дейдилар. Бу демак — қишда ер сувласанг ола қолдирма, кўкламда ер ҳайдасанг бемола қолдирма, демакдир.

Боиси — кўклами шудгордан кейин ер оралари ҳавол-ҳавол бўлиб қолади. Ана шу ҳаволлардан шамол киради-киради — ер нами қочиб қолади. Ер намини сақлаб қолиш учун эса шудгорни бороналаш лозим бўлади.

Мен шудгорни бороналадим.

Далаларим кафтдай-кафтдай бўлди. Далаларим мояк қўйса кўринар бўлди.

Аммо бир боронани ўзи кифоя этмайди. Энди молалаш лозим бўлади. Мола ер намини ост қабатидан уст қабатига кўтариб беради. Мола ер юза кесакларни майдалаб-майдалаб беради.

Мен энди далаларимни молаладим.

Далаларим сумалакдай-сумалакдай бўлди.

Жўя олиб экилмиш ғўза ўн-ўн беш кун олдин етилади. Жўя олиб экилмиш ғўза ўн-ўн беш кун олдин очилади. Жўяда униб чиқмиш ғўза офтоб тафтини тез олади.

Шу боис, трактор билан жўя олдим.

Далаларим кокилдай-кокилдай бўлди.

8-9

Чин, далаларим қиши билан қор сув ичди. Чин, далаларим қиши билан ёмғир сув ичди.

Аммо сув билан сув бор-да. Масалан, ҳовуз сув ғозсиз сув бўлади. Одам ҳовуз сувдан ичса — сув ичгандай бўлмайди.

Одам оқар сувдан ичса — бадани жимир-жимир этади. Бадани яйрайди!

Оқар сувдан мия тўлади. Оқар сувдан мия равшан тортади.

Оқар сувда жон бор-да!

Шу боис, далаларимга яхоб сув бердим.

Жўялардан жилдиратиб-жилдиратиб яхоб сув оқиздим.

Далаларим бир ҳафта яхоб сувлади. Далаларим бир ҳафта захлаб сувлади.

Ана энди далаларим донадор-донадор бўлади.

Ана энди далаларим серкесак-серкесак бўлади. Донадор дала намдор дала бўлади. Сув ана шу доналар оралаб ер сингади. Ҳаво ана шу доналар оралаб ўтади.

10

Тукли чигит бўлади, туксиз чигит бўлади.

Туксиз чигит бўлали-бўлали бўлади. Туксиз чигит залворли-залворли бўлади.

Туксиз чигит бехато олади, туксиз чигит бехато кўкаради.

Далаларим учун ана шу туксиз уруғ чигит келди.

Мен омборимни шамоллатдим. Дорилаб ювдим. Оҳак билан оқладим.

Омборимга тахта тўшадим. Тахта устига чигит ёйдим.

Мен бош-адоқ танапўш кийдим. Резина этик кийдим. Қўлқоп кийдим. Кўзойнак тақдим.

Уруғ чигитни ҳовуз солдим. Формалин дегич қуруқ дори билан дориладим.

Бадбўйдан-бадбўй доридан ўқчиб-ўқчиб олдим.

Шийпон олдида бир қарич қалин ёйдим. Устидан пуркагичда сув сепдим. Ёғоч курак билан остин-устун ағдардим. Бетиним сувладим.

Уруғ чигит сувдан тўйди.

Ивитилмиш чигитни тизза бўй тўпладим. Тағин сувладим.

Чигит томирига илдизкана киради. Томирни ейди-ейди — эгри-бугри яра этади. Чигит қорамтир-қорамтир бўлиб қолади.

Бундай чигит кўкармайди.

Ана шу илдизканани даф этиш учун чигитнн гексахлоран билан дориладим.

Чигит униб қолмасин дея, шамоллатиб-шамоллатиб олдим.

11

Трактор кетига тўрт қутилик уруғсепгич тақдим.

Бир қутига ўн беш килодан чигит солдим.

Бир вақтлар чигит билан гербицид аралаштирдим. Чигит ер кўрди — айни вақтда чигит билан гербицид-да ер кўрдн.

Хлорфенидим дегич оч кулранг гербицид бир-икки паллали бегона ўтни ўн-ўн беш кун ер остида босиб турди. Дихлорфенидим дегич кулранг гербицид кўп паллали бегона ўтни ўн-ўн беш кун ер остида бош кўтартирмай турди.

Гербицид ер остада бир ярим ойча турди — аммо бегона ўтни тамоман йўқотолмади.

Ёмондан-ёмони — гербицид бегона ўт билан баробар ўн-ўн беш кун чигитни-да ундирмай турди. Гербицид пахтани ўн-ўн беш кун ҳаяллатди.

Шу боис, мен энди гербицид баҳридан ўтдим.

Катталардан лалми-лалми дўқлар эшитдим.

Аммо гапимни қайтиб олмадим.

12

Ҳаво билан ер ҳарорати ўн даражадан остида чигит бўртади — аммо кўкармайди. Чигит бўртик-бўртиклигича чириб тамом бўлади.

Ҳарорат ўн икки-ўн тўртда чигит экса бўлади.

Айни кунлар ана шундай кунлар бўлди!

Чин, далаларимда ҳарорат ўлчагичим бўлмади. Ҳарорат ўлчагичга куним-да қолмади.

Мен далаларим ҳароратини вужуд-вужудим билан билдим. Мен далаларим ҳароратини тан-жоним билан туйдим.

Мен далаларим ҳароратини ердан бир ҳовуч тупроқ олиб билдим.

Вужуд-вужудларим айтди, кафт-кафтларим айтди: ана энди эк, деди. Бугундан ҳаялласанг — дала бети қуриб қолади, деди. Сўғин, чигит кеч униб чиқади, деди. Ундан сўғин, кўкартириш учун чигит сув бериш лозим бўлади, деди. Унда-да сўғин, чигит сув далани қотириб ташлайди, деди. Оқибат —чигит ёппа барака униб чиқмайди, деди. Ёмондан-ёмони — кеч экилмиш чигит камҳосил бўлади, деди.

Мен тракторни дала ўнгардим.

Уч сантимдан саёз чигит экиб бўлмайди. Далабет дарров нам олдиради. Чигит намсиз бетда қолади. Ҳадеганда кўкара бермайди, Кўкарса-да — ёппа барака кўкармайди. Битта-битта кўкаради. Оқибат — ғўза сийрак-сийрак бўлиб қолади.

Беш сантимдан чуқур-да экиб бўлмайди. Беш сантим чуқурга ҳарорат етмайди. Беш сантим чуқур оҳиста-оҳиста қизийди. Оқибат чигит-да оҳиста-оҳиста унади.

Беш сантим чуқурни ёриб чиқиш чигит учун ит азоб бўлади!

Шу боис, мен тўрт сантим чуқурликда чигит экдим.

Бир қадам пуштага йигирма-йигирма бештадан чигит тушди.

Чигит нима учун билониҳоя-билониҳоя тушди?

Масалан, йил серёмғир келди. Дала сернам келди.

Бир-иккита чигит сернам даладан бўртиб чиқолмайди. Бир-иккита чигит сернам даладан ёриб чиқолмайди. Чигит қуввати етмайди.

Ер оғир-да, ер оғир.

Масалан, зил-замбилни бир-иккита одам кўтароладими? Кўтаролмайди. Кўпчилик бўлса — даст кўтаради.

Чигит-да шундай-да! Чигит билониҳоя бўлса — ерни даст кўтаради. Чигит билониҳоя бўлса — ерни қувват билан ёриб чиқади.

Далаларимни чигит дори иси босди.

Мен ўқчиб-ўқчгаб чигит экдим.

13-14

Дарвозамиздан ичкарилаб эдим — Ойсулув қизимиз пешвоз чопиб келди.
— Ота, суюнчи беринг, қалдирғочларимиз келди! — деди.

Даҳлизимиз шипига назар солдим — чини билан инда бир қалдирғоч бўлди. Тағин иккита қалдирғоч шиплар аро учиб юрди.

Кўзим қувонди.
— Ўйнаб қўяй, ўйнаб қўяй… — дея пичирладим, Қалдирғочлар чиндан-да ўзимизни қалдирғочларми ё бегонами, дея синчиклаб-синчиклаб қарадим.

Қалдирғочларда улги-да бўлмади, тамға-да бўлмади.

Чин-да — Қалдирғочлар кийим киймайдилар. Қалдирғочлар сўйламайдилар. Қалдирғочлар кулмайдилар.

Шундай бўлса-да, мен ич-ичимдан туйдим: уйимизни топиб келибди — ўзимизни қалдирғочлар бўлади-да.

Қалдирғочларимиз бошимиз узра учди. Чарх-чарх учди. Гир-гир учди.

Қалдирғочларимиз инларида қатор бўлиб ўтирди. Қалдирғочларимиз бизга мўралаб-мўралаб ўтирди. Қалдирғочларимиз бизга мўлт-мўлт ўтирди.

Мен ташқарилаётиб эдим — бир қалдирғочимиз бошим узра чирқ-чирқ айланди. Қалдирғоч қанотлари телпагимга тега-тега айланди.

Қалдирғочимиз мен билан салом-алик қилди-ёв!

Қалдирғоч қанотлар ҳавоси пешонамни силаб-сийпаб айланди.

Қалдиррочимиз мен билан ўпишиб-ўпишиб кўришди-ёв!

Мен кула-кула кўзларимни чирт юмдим. Мен кула-кула бетларимни чет бурдим.
— Хуш кўрдик, жониворлар, хуш кўрдик! — дедим.

Далаларимга вакил келар бўлди.
— Элбурутдан вакилга пишириб қўйибдими, — дедим. — Ҳали чигит экиб бўлмаган бўлсак.
— Энди, хўжалигимиз гуллаб-яшнайди! — деди раисимиз. — Район вакили ўзимиздан бўлди.
— Қани, эшитайлик, қани? — дедим.
— Ўртоқ Клара Ходжаевна район партия комитети учинчи секретари бўлдилар. Айни вақтда хўжалигимизга вакила этиб тайинландилар.
— У киши ўзимизданми? — дедим.
— Ўзимиздан-да. Мактаб директори бор эди-ку, ўша директорни қизлари-да.
— Э, ҳа, бўлди! — дедим. — Раҳматлик мактаб ди-екторимизни фарзандлари-да?
— Ҳа-а, каллангиздан! Ана ўша мактаб директорини қизлари!
— Раҳматлик мактаб директоримизни қизлари кўп эди, қайси бири бўлди?
— Ўртоқ Клара Ходжаевна! Роза Ходжаевна обкомда ишлаяптилар!
— Бўлди-бўлди, — дедим. — Эгизаклар-а? Эсладим-эсладим.

Раисимиз шийпон олдини саранжом-саришталади.
— Эшаклар кўздан панага олинсин! — деди. Деҳқонларимиз эшакларини Жарариққа бойлаб келди.

Самад бобо қирчанғи отини етаклаётиб эди, раисимиз ўнг қўлини кўтарди.
— От турсин! От— маданий ҳайвон! — деди.

15

Шийпонимиз олдида машиналар қатор бўлди.

Олд машинадан бир аёл тушди.

Аёл келишимли-келишимли бўлди. Аёл турмаксоч-турмаксоч бўлди.

Аёл турмаксочлари қалдирғочларимиз уясидай-уясидай бўлди.

Аёл шийпонимиз теварак-бошига қараб-қараб олди.
— Нормално, нормално! — деди.

Аёл қўл узатиб кўришди-кўришди — мен билан муқобил бўлди.

Мен аёлни қизим-қизим, дейин дедим — катта одамни қизим дейиш учун тилим бўлмади.

Мен аёл отига хон ё ғул қўшиб айтайин, дедим — фарғоначи бўлмадим.

Бўлдим-бўлдим, сурхони бўлдим — байча дейин-да.
— Қани, ё, бисмилло! — дея қўшқўллаб кўришдим. — Омонгинамисиз, Кларабайча? Вақтигинангиз хушми, Кларабайча? Ўйнаб-кулибгина юрибсизми, Кларабайча?..
— Нима-нима?
— Кларабайча?

Аёл лаб бурди. Аёл қош керди.
— Байча? Какая байча? — деди. — Мен Клара Ходжаевнаман!

Мен нима дейишимни билмадим. Мен кўз остимдан раисимизга қарадим.

Раисимиз узр сўра, дея қўлини кўксига қўйиб ишора берди.

Мен дарров ўнг қўлимни кўксимга қўйдим.
— Тавба қилдим, — дедим.

Аёл ана шунда юзимга тикилиб қаради!

Аёл сергакланди. Аёл қизариб-бўзарди. Аёл... ирганди!

Аёл кўзларини олиб қочди. Аёл далалар узра разм солди. Аёл оҳиста-оҳиста бош ирғади.
— Ўртоқ раис? —дея мажнунтоллар тараф йўл олди.

Раисимиз лаббайгўй бўлиб-лаббайгўй бўлиб борди.

Аёл мажнунтоллар остида одимлади.

Раисимиз аёл кетроғида одимлади. Аёл оғзига қараб-қараб одимлади.

Тағин, катталар чақирса эшитмай қолмайин дея, мажнунтоллар ортидан бориб турдим. Катталар йўталса бўлди — чопқиллаб бораман дея, қулоғимни динг этиб турдим.
— Машъал бригадирингиз шуми, ўртоқ раис? — деди аёл.
— Шул-шул, — деди раисимиз. — Деҳқонқул шул!
— Деҳқонқул... классический от! Лекин шу…
— Чин, пича ўқимаган, чин.
— Гап ўқишда эмас, ўртоқ раис. Юқоридан партия-ҳукумат арбоблари ташриф буюриб, илғор пахтакорингизни кўрсатинг деса, қандай қилиб кўрсатамиз?
— Кўрсата берамиз, нима қипти?
— Институтда эстетикадан неча баҳо олгансиз? Тўғри, аввало меҳнат. Лекин меҳнат ўз йўлига; Илғор пахтакор учун ташқи кўриниш ҳам керак. Илғор пахтакор партия-совет арбоблари билан қўл олиб-қўл беради. Илғор пахтакор мажлисларда, матбуотда чиқишлар қилади. Бу кўриниш билан қандай қилиб чиқиш қилади?
— Бет-боши туппа-тузук-ку, Клара Ходжаевна?
— Илғор пахтакорингиз бетидан бузилган пес-ку? Кўнглимни айнитиб юборди-я!.. Раисимиз... бет-бошимни оқлади.

16

Ўзбекистон ўз оти ўзи билан жануб бўлди.

Бизнинг Сурхон жанубни жануби бўлди.

Сурҳон жазирамаси жазирамани жазирамаси бўлди.

Сурхон саратони саратонни саратони бўлди.

Тошкент радиосида ҳарорат ўттиз бўлди, бизнинг Сурхонда қирқ бўлди.

Тошкент ойнаижаҳонида ҳарорат қирқ бўлди, бизнинг Сурхонда эллик беш бўлди.

Сурхон саратони кўз очирмади. Сурхон саратони киприк қоқтирмади.

Кўз очмаса, тағин бўлмади — ғўза қараб турмади!

Ғўза кун санади! Ғўза учун ҳар бир кун ғанимат бўлди.

Мен кўзларимни қисиб-қисиб кетмон чопдим. Мен қўзларимни қисиб-қисиб ғўза ўтоқладим. Мен кўзларимни қисиб-қисиб пахта тердим.

Жазирама жингиртоб-жингиртоб қафсига олди.

Мен бор ҳол-қувватим билан кўз қисдим. Мен бор диққат-эътиборим билан кўз қисдим. Мен бор ақл-фаросатим билан кўз қисдим.

Шунда, пешонамда чуқур-чуқур ажинлар чизиқ тортди. Шунда, ёноқларимда узун-узун ажинлар чизиқ тортди. Шунда, лабларимда майда-майда ажинлар чизиқ тортди.

Бутун бет-бошим биж-биж ажин бўлди. Бутун бет-бошим ғуж-ғуж ажин бўлди.

Бет-бошим бет-бош бўлмади — дарз-дарз ер бўлди. Бет-бошим бет-бош бўлмади — қақроқ-қақроқ ер бўлди. Бет-бошим бет-бош бўлмади — шўр-шўр ер бўлди!

Мен қирқ даража саратондан ана шу ажинларим остида кун кўрдвм. Мен эллик даража жазирамадан ана шу ажинларим остида жон омонладим.

Мен чилла дея аталмиш дўзахдан ана шу ажинларим остида жон ҳовучладим.

Саратон куйдира берди-куйдира берди — ўлмаган ана шу ажинларим бўлди.

Мен соя-салқинда бет-бошимни бўш-бўш қўйдам. Мен соя-салқинда кўзларимни эмин-эмин очдим.

Ана шунда қоп-қора ажинларим ёйилди. Ана шунда қоп-қора ажинларим остида тилим-тилим йўллар кўриниш берди. Ана шунда қоп-қора ажинларим остида тарам-тарам йўллар кўриниш берди. Ана шунда қоп-қора ажинларим остида ҳалқа-ҳалқа йўллар кўриниш берди. Тилим-тилим йўллар қизғиш-қизғиш бўлди. Тарам-тарам йўллар оқиш-оқиш бўлди. Ҳалқа-ҳалқа йўллар оқимтил-оқимтил бўлди.

Илк бор кўрмиш одам бетидан бузилибди, дея ўйлади...

17

Аёл билан раисимиз олдин-кетин қайтиб келди.
— Молодец, машъал бригадир! — деди аёл. — Партия-ҳукуматимизга ана шундай қуёшда тобланган пахтакорлар керак!
— Қуллуқ, —дедим.
— Бизга қандай хизматлар бор?
— Хизмат йўқ. Бари нима тўкин-сочин.
— Ишларингизга муваффақият тилайман!
— Тағин бир қуллуқ.

Аёл далаларимни қаради. Оқтупроқ далам экувсиз эканини билиб қолди.
— Нега ҳозиргача чигит экилмаган? — деди. Раисимиз қириниб йўталди. Баён этиш учун шайланди. Яна-тағин менга қаради — ўзинг айт, деган бўлди.

Мен нима дейин?

Раҳматлик мактаб директоримизни қизгинаси, чин, оқтупроқ далам экувсиз ётибди, боиси — қуриб-қақшаб ётибди, оппоқ чангиб ётибди, дейинми? Оқтупроқ далам мироб марҳаматини қараб ётибди, дейинми?

Мен миқ этмайин қараб тура бердим.
— Маза йўқ-ку, машъал бригадир? — деди аёл. Энди нима дейин?

Ўйнаб қўяй, раҳматлик мактаб директоримизни қизгинаси, ўйнаб қўяй, оқтупроқ даламга айни шу ҳолида чигит экайин — чигитим унмайди, дейинми? Чигитим унса-да, уч-тўрт кўсакликкина нимжон ғўза бўлади, ҳосили бир теримдан ортмайди, дейинми?
— Бу даламиз оқтупроқ дала... — дедим. Ўйнаб қўяй, қалдирғоч уя турмаккинангиздан ўйнаб қўяй, мироб олдин сув берсин, мен олдин оқтупроқ даламни сувлайин, кейин тоблайин — ана ундан кейин экайин, дейинми?
— О, тем более, оқтупроқ! — деди аёл.
— Шундай, шундай, — дедим.
— Оқтупроқ ерга биринчи бўлиб экиш керак! Экканда ҳам тиғиз экиш керак! Тўғрими, ўртоқлар?
— Доно фикр! — деди раисимиз. — Ҳикматли гап!

Мен нима дейишимни билмадим - тилим айланмай қолди.

Аёл ўнг қўл оппоқ қўлқопини суғурди. Ерга қўл узатди.
— Қани, кўрайлик-чи, —деди.

Аёл бир сиқим тупроқ олди. Юзлари олдига олиб келди. Синчиклаб тикилди.
— О, машъал бригадир! — деди. — Бу ер эмас асал, асал! Шундай асал ерни куттириб ўтирибсиз-а. Яхши эмас, машъал бригадир, яхши эмас.
— Экамиз, экамиз, — дедим.
— Экинг, кечиктирмай экинг! Анави турган трактор чигит экадими? Ўшани тез буёққа олиб келинг!

Мен энди нима дейин?

Ўйнаб қўяй, қалдирғочуя турмаккинангиздан ўйнаб қўяй, анави оппоққина кафтингиздаги ер эмас, у бир чанг, ғўза чангда кўкармайди, ғўза ерда кўкаради, дейинми?

Мени ҳамиша далаларим қўллайди, Мени ҳамиша далаларим қувватлайди. Мени ҳамиша далаларим ёқлайди.

Бу сафар-да далаларим қўллади: аёл оқтупроқни ташлаб эди — оқтупроқ деярли ерга тушмади! Оқ-тупроқ чангиб-чангиб учди!

Аёл бет бурди. Аёл бет ўгирди.
— Фу-у - дея кафти билан чанг қувди. Раисимиз тирсагимдан чет тортди.
— Чопинг, тракторни олиб келинг, — дея шивирлади.

Мен кетимга қараб-қараб йўл олдим. Мен умидланиб-умидланиб йўл олдим.

Аёл, майли, қўя беринг, дейдимикин, дея умидландим.

Трактордан садо чиқди — аёлдан садо чиқмади.

Оқтупроқ даламга трактор солдим

Аёл трактор кетидан мамнун-мамнун бош ирғаб қаради.

18

Намозшомда раисимиз дарвозасини олиб турдим.

Раисимиз келди. Раисимиз билан ароқ ҳиди-да келди.
— Шефни жўкандим, — деди раисимиз. — Клара Ходжаевнани жўнатдим. Қани, бундайчикин турибсиз?
— Оқтупроқ далани нима қиламиз, раис бова? — дедим.
— Нима қилардингиз — экинг, Шеф айтди — экинг!
— Эккан билан...
— Биламан! Лекин райком секретари оғзидан чиққан гап — қонун-да!
— Меҳнат қилган кираси эмас-да?
— Биламан! Лекин райком секретари буйруқ берди-да! Экмай кўринг — эрта-индин райкомга устимиздан юмалоқ хат тушади!

Мени-да аёл зоти бино этди. Болхин теримчи онамиз айбимдан ўтсин — аёл аралашмиш иш расвои радди бало бўлади.

Мени-да аёлим бор — у бир этак фарзанд туғиб берди. Бир этак фарзандларим онаси бўлмиш аёлимиз, мен учун қўли косов аёлимиз, мен учун сочи супурги аёлимиз айбимдан ўтсин — аёл аралашмиш иш очиқ мозор бўлади.

Мени-да қизларим бор, қизларим гуноҳимдан ўтсинлар — аёл аралашмиш сиёсат юрт шўри бўлади, аёл аралашмиш сиёсат эл шўри бўлади.

19

Саккиз кун қарадим, тўққиз кун қарадим, ўн кун қарадим — қани энди, оқтупроқ даламда чигит бўртса, қани энди оқтупроқ даламда чигит уч берса.

Оқтупроқ далам кал калладай ялтираб тура берди.

Охири тоқатим тоқ бўлди — оқтупроқ даламни буздим.

Оқтупроқ даламни сувладим. Оқтупроқ даламни тобладим.

Қайта экдим.

20

Шу-шу — вакила аёл бир оёғи далаларимда бўлди.
— Ўзи, шу пошикастани касби нима? — дедим.
— Идеология! — деди раисимиз.

Шундан буён раҳматлик мактаб директоримизни қизини Идеология дегич бўлдим.

21

Тоғ чўққилари узра кўмир-кўмир булут тошди.

Далаларим бошида кўмир булут тугул оппоқ булут-да бўлмади.

Мен кўнглимни тўқлаб уйга келдим.

Кечаси бир маҳал момақалдироқ гулдуради.

Мен ташқарилаб қарадим.

Қиблагоҳда сим-сим: яшин ёнди. Кўндаланг ёнди. Тикка ёнди.

Шаррос-шаррос ёмғир ёғди.

Мен қўлимга хитойи фонаримни олдим. Елкамга кетмонимни олдим. Жарариқ йўл олдим.

Жарариқ тўлиб сел оқди. Тошиб-тошиб оқди.

Мен дала бошини қарадим. Этларим бир увишиб олди.

Сел Жарариқдан тошди. Сел дала ариққа ўтди. Сел ариқ қулоғини олди. Сел далаларим оралаб оқди.

Мен этикларимни суғурдим. Чолворимни липпа урдим. Сел ораладим.

Шу теваракда кесак бўлдими, тош бўлдими — қулоққа олиб келиб босдим. Трактор темирларини олиб келиб босдим.

Сел барини ювиб-ювиб оқди.

Мен кетмон билан чим ўйиб-чим ўйиб босдим — сел чимларни-да ювиб оқди.

Тан-жоним тер бўлди. Ўнгирим билан бет артдим. Энтикиб нафас олдим,
— Бор-е! — дея кетмонимни отиб юбордим. Селга қараб ўтирдим. Сел остида қолажак далаларим кўз олдимга келди.

Мен иштончан бўлдим. Кўзимни чирт юмиб селга оёқ солдим.

Сел яхдай-яхдай бўлди.

Мен қулоқда тикка туриб сел балогардон бўлдим.

Сел белимга урди. Сел кўкрагимга урди.

Мен қулоч ёйиб-ёйиб сел балогардон бўлдим.

Сел дала ариққа деярли ўтмай қолди.

Сел ёғоч оқизиб келди — ёғоч кўкрагимга тегиб-тегмай ўтди. Сел шохча оқизиб келди — шохча кўкрагимга тегиб-тегиб ўтди.

Тан-жоним яхлади. Суякларим қақшади. Тишларим тик-тик этди.

Бир маҳал тиззаларимга зилдай бир нима келиб урилди. Зил нима тиззаларимдан оёқларим юзига тушди. Оёқларим юзида оқмай қолди.

Оёқларим бир оғриди, бир оғриди!

Бақирайин дея оғиз очдим — овозим чиқмади.

Оёқларим бировини қўйиб бировини тортдим — зил нима остидан тортиб ололмадим.

Оёқ панжаларим танам учун бегона бўлиб туюлди. Панжаларимни қимирлатдим — панжаларим-да қимирламади.

Бошим айланди. Кўнглим озди. Кўзим тинди...

22

Кўзларимни очдим — бошимда оппоқ кийимлик қизгина ўтирди.
— Эб-ей, қаерга келиб қолдим, эб-ей! — дедим. Адоғимда онамиз ўтирди.
— Очиқ мозорга келиб қолдинг! — деди онамиз. — Очиқ лаҳадга келиб қолдинг!

Идеология билан раисимиз кириб келди.
— Нима бўпти, Болхин момо? — деди раисимиз.
— Нима бўлгич эди, ана, кўргилигини кўриб ётибди! — деди онамиз. — Эл-халқ азонда Жарариқ адоғидан топиб олибди. Мундай қарасалар, балчиқда бир мурда ётган эмиш.
— Ана қаҳрамон, мана қаҳрамон! — деди раисимиз.
— Матросов! — дея хитобланди Идеология. — Замонамиз Матросови! Бундай қаҳрамонлар билан коммунизм қурса бўлади!

Онамиз енги учи билан оғзини ушлаб йиғламсиради.
— Селда-да ақл йўқ экан-да, — деди онамиз. — Биратўла очиқ мозорга олиб бориб ташламабди-да!
— Ундай деманг-е, Болхин момо! — деди раисимиз. — Деҳқонқул ака табиий офат билан қаҳрамонларча олишган!
— Э, қирилиб қирғинни олдидан кетсин, бундайчикин қаҳрамон!
— Ўртоқ Жамолиддинов табиий офатни кўкси билан тўсиб, Матросов жасоратини такрорлаган! — деди Идеология.
— Э, кафанини бичайин, бундайчикин Матросовни, кафангинасини бичайин!

23

Мўлт-мўлт дала қарадим.

Жўялар сарғиш-сарғиш сел бўлди. Жўялар сақич-сақич сел бўлди.

Далаларимни юмшатайин дедим — жўялар ҳали лойқа бўлди. Дадаларимни юмшатмайин дедим — лойқа қотиб қолар бўлди.

Лойқа қотса ёмон қотади. Дала қатқалоқ бўлади. Дала тош-метин бўлади.

Ичимни ит тирнади. Даламдан кўз узмадим.

Далаларим дарз-дарз ёрилди. Далаларим сарғайди.

Мен далаларимга трактор солдим.

Далаларим кафтдай-кафтдай кўчди. Далаларим муштдай-муштдай кўчди. Далаларим тошдай-тошдай кўчди.

Шунда, пушталар бўртиб-бўртиб қолди. Шунда майсалар уч бериб-уч бериб қолди.

24

Кунботар тарафдан элас-элас гулдурос келди.

Кунботарда қоп-қора булут сузди. Кун булутда қолди. Беш тийинлик сариқ танга мисол қолди.

Булут кўпириб тошди. Булут кўпириб қорайди. Булут тоғни қоплади.

Азим-азим тоғдан ёнғоқдай чўққи-да қолмади.

Булут ичра айқаш-айқаш нур ялт этди. Булут бағрини ёруғ-ёруғ йўллар тилди — тоғда ёмғир ёғди.

Булут тоғдан энди. Булут қоялади. Булут қирлади. Булут адирлади. Булут далалаб келди.

Дим-дим сукунат бўлди.

Дарахтлар тош қотди. Чумчуқлар ичига бўйин тортди.

Тоғ тарафдан фавқулодда шамол турди. Шамол мўрт дарахтлар баргини дув тўкди. Шамол тол шохчаларни қирс-қирс синдирди.

Дона-дона ёмғир томчилади.

Далаларим чўтир-чўтир бўлди. Кийимларим нуқта-нуқта бўлди.

Булут шарр-шарр ёғди.

Далаларим чангиб-чангиб қолди. Далаларимдан ёппа барака чанг ўрлади.

Ҳаводан ер ҳиди келди.

Булут энди жала ёғди.

Қиялаб-қиялаб жала ёғди. Нўхатдай-нўхатдай жала ёғди. Муздай-муздай жала ёғди.

Эндигина ниш урмиш ғўзани нимаси бўлади? Бировгина ёлғиз барги бўлади!

Жала ана шу ёлғиз баргни уриб кетди.

Норасида ғўзани нимаси бўлади? Игнадай танаси бўлади!

Жала ана шу игна танани уриб кетди.

Норасида болани ўзидан олдин қулоғи кўринади. Шу норасидани қулоқ-чаккасига тарсиллатиб уриб бўладими? Кўкрагида Имони бор одам норасидани урадими?

Норасида ғўза-да мисоли норасида — ўзидан олдин қулоқ-барги кўринади.

Ҳаво нима учун аяа шу норасида ғўзаларимни ертепкилайди? Ҳаво нима учун ана шу норасидаларимни ерпоймоллайди?

Шундай вақтда яратганни ўзига-да ҳа, демайман.

Ўйнаб қўяй, нотанти-нотанти қилиқларингдан ўйнаб қўяй, дейман.

25

Далаларим селгиди,

Баллоноёқ трактор селги далани қотириб-қотириб ташлайди.

Занжироёқ трактор селги далани қотирмайди. Занжироёқ трактор занжирини тушаб-тўшаб юради-да.

Мен занжироёқ тракторга кетма-кет учта «Зиг-заг» сихмола уладим.

Далаларимга «Зигзаг» сихмола солдим. Далаларимни энлатиб-энлатиб сихмола солдим. Далаларимни бўйлатиб-бўйлатиб сихмола солдим.

Сихмола кесакларни майдалади. Сихмола ғадир-будурларни текислади.

Далаларим тобга келди.

Далаларимга судрама арава солдим.

Олти ғўлалик судрама арава эзилмайман дегич кесакларни-да эзди. Бармоқдай-бармоқдай ўнта тишлик судрама арава кетмайман дегич қатқалоқларни-да кетказди. Бир қулочлик йўғон-йўғон судрама арава далалар бетини равон-равонлади.

Далаларим қиёмга келди.

Сихмола тегмай қолмиш чет-четларни кетмон билан ҳаворладим.

Судрама арава тегмай қолмиш бурчак-бурчакларни хаскаш билан равонладим.

Далаларим қуйруқдай-қуйруқдай бўлди.

Иккинчи бор чигит экдим.

26

Ай, бир аёлимиз бор-да, ай, бир аёлимиз бор-да!

Бир вақтлар суқсурдай-суқсурдай қиз эди! Бир вақтлар чиккабел-чиккабел қиз эди!

Мен кўнглим кетиб-кўнглим кетиб совчи қўйиб эдим.

Минг қилса-да, холамизни қизи-да —дарров ҳа, дея қолиб эди.

Мен мана бундай тўйнома тарқатиб-тарқатиб тўй қилиб эдим:

Атиргул ҳидлари оламга кетди,

Қувноқ ёшлигимиз вояга етди.

Ҳатто тенгдир бўйимиз бўйга,

Сизларни таклиф этамиз тўйга!

Тўйимиздан буён аёлимиз уни олиб бер-буниолиб бер, демайди. Деса-да, бировни олдида демайди.

Тўшакда айтади! Қўйнимга кириб айтади!

Олдин, силаб-сийпалайди. Сўғин, суйиб-эркалайди.
— Ў-ўй, жуҳуди атлас олиб берсин, — дейди.
— Жуҳуди атлас отлиққа йўғ-у.
— Бор экан. Чори мудир Душанбадан олиб келибди. Уйида яшириб сотаётган эмиш.
— Бир жўраси қанчадан экан?
— Бир жўра атлас икки юз сўм экан.
— Уҳ-ў-ў...
— Кўп энтикмасин, атлас қўлда ўзи шунча туради. Раис аёлига олиб берибди.
— Раис ўз оти ўзи билан раис-да. Мен бир деҳқон бўлсам.
— Бу киши кимдан кам? Бригадир дегич оти бор. Бир жўра атласни кучай олмаса, бригадир бўп нима қилиб юрибди?
— Ўйнаб қўяй, бригаднр дегич отдан, ўйнаб қўяй. Бригадир бир деҳқон-да.
— Шу, раисни аёли жуҳуди атлас киядиган аёлми? Бети қоп-қора — оташкуракдай! Шугина жуҳуди атлас кийганда, менга нима қилибди?
— Бўлди, кўп ғингшима, болалар уйғониб кетади.
— Олиб бермаса, олиб бермасин!..

Аёлимиз шундай дея, чаппа бурилиб олди. Бундай вақтда йўқ деб бўладими?..

27

Эртаси идора бордим.
— Икки юз сўм...

Кассир бетимга қайрилиб-да боқмади. Кассир чўтдан кўз олмади.
— Пул йўқ! — дея шиқ-шиқ чўт қоқди.
— Жуда зарил эди.
— Шу, ўқимаганлигингга борасан-да, Деҳқонқул. Пул йўқ деяпман-ку, Мана, ишонмасанг пўлат сандиққа қара. Пўлат сандиқда пул бўлмагандан кейин, қаердан бераман?
— Бутун бир бошли колхозда-я.
— Бутун бошли колхозда пул заводи йўқ, Деҳқонқул, пулни давлат беради. Давлат эса пул бермаяпти. Чеканка вақтида берамиз, деяпти.
— Чеканка? Чеканкани пулга нима дахли бор?
— Ўқимагансан-да, Деҳқонқул, ўқимагансан. Ҳозир далада иш қўқиган вақт. Давлат ҳозир пул берса, колхозчи кам-кўстимни тузатайин деб, бозорма-бозор чопади. Далада иш қолиб кетади. Чеканка вақтида эса чеканкадан бошқа иш бўлмайди. Тушундингми? Давлат анойи эмас.
— Рўзғорчилик — йўқчилик-да.
— Шу гапингга ким ишонади, Деҳқонқул? Азза-мазза бригадир! Уял-е, шундай дегани!
— Йўқчилик ёмон-да.
— Унда, ана, катталарнинг бирортасидан қарз сўра.

Даҳлизда ўйланиб қолдим. Кимдан сўрашимни билмадим.

Ўйладим-ўйладим — раисдан сўрайин, дедим. Ҳамсоя деган отимиз бор, дедим.

Келим-кетимни кети узилиши билан оҳиста кириб бордим.
— Иш вақти идорада нима қилиб юрибсиз, Деҳқонқул ака? — деди раисимиз.
— Зарил иш билан келиб эдим, раис бова.
— Зарил бўлса, кеча майлисда айтсангиз бўларди.
— Рўзғор иши, раис бова.
— Рўзғор иши бўлса, ана, ҳамсоямиз, девордан бўйлаб айтсангиз ҳам бўларди. Хўш, нима иш экан, айтинг қани, ҳамсоя.
— Шу... раис бова, бизга бир... икки юз сўмча зарил бўлиб қолди. Рўзғорчилик — йўқчилик-да.
— Садқаи суханингиз, ана, кассирга айтинг, беради.
— Айтдим, йўқ, деди. Сандиғини очиб кўрсатди, йўқ эқан.
— Бўлмаса нима қиламиз, йўқ бўлса йўқ-да.
— Шу... шу, қарз бериб турсангиз дегандим, раис бова, пул тушганда узардим.
— Э-э, Деҳқонқул ака, Деҳқонқул ака. Менда иул нима қилади? У ойлигим бу ойлигимга аранг етади. Ўнта жонмиз. Тошкентда ўқийдиган Барот ўғлимиз келган, кўзингиз тушгандир. Шу ўғлимиз эрта-индин кетади. Ҳали, шунга поезд пулини ўйлаб ўтирибман.
— Ҳай, майли.
— Шу гап, Деҳқонқул ака. Хафа бўлмайсиз. Пулим бўлса жоним билан берардим. Сиз ўзимизникисиз, ҳамсоямизсиз.

28

Уйда аёлимизга бор гапни айтиб бердим.

Аёлимиз олдин ишонмади.

Мен энди қасам ичиб айтдим.

Аёлимиз ана шунда ишонди. Ишонди-да — бир бошқа бўлди-қолди.

Аёлимиз эшик-орада донламиш товуқларни қарғаб-қарғаб ҳайдади. Аёлимиз сатилни ер даранг-дурунглатиб ташлади. Аёлимиз чойнакни дастурхон дўқ-дўқиллатиб қўйди.

Аёлимиз аёллар ашуласини бошлади:
— Дунёга келиб нима кўрдим... Киядиган кийимим йўқ...

Мен иссиқ-иссиқ чой ичдим. Мен оғзим куйиб-куйиб чой ичдим.

Мен ич-ичимдан хоксорландим. Мен ич-ичимдан хўрландим.

Падарига лаънат бундай дунёни, дедим.

Эътибор бериб қулоқ солдим — аёлимиз овози ўчиб қолди.

Худо инсоф берди-е, дея ташқариладим.

Аёлимиз қайрағоч остида бешик суяниб-бешик суяниб йиғлади. Аёлимиз бурун тортиб-бурун тортиб йиғлади. Аёлимиз пиқ-пиқ йиғлади.

Оғилда ётмиш қўй мени кўриб талпинди. Емиш умидвор бўлди. Тумшуқ чўзиб пих-пих этди.

Мен қўйга қараб қаҳримни сочдим:
— Пиқиллама-е-е, энағар! Нима, мен еб, сен қуруқ қолдингми? Рўзғорчилик — йўқчилик-да!

Аёлимиз пиқилламай қолди.

Бешинчи боб

1

Мен қозиқдан саратон телпагимни олдим.

Телпагимни тиззамга уриб-уриб қоқдим.

Саратон телпагимдан оппоқ-оппоқ чанг қўқиди. Телпагимдан майда-майда жонивор тушди.

Жониворлар ғимир-ғимир ўрмалади. Жониворлар гилам остилаб-гилам остилаб паналади.

Саратон телпагим олачалпак жун-олачалпак жун бўлди — жунларини саратон тўкиб-тўкиб ташлади.

Саратон телпагим ғозсиз-ғозсиз бўлди — ғозларини саратон куйдириб-куйдириб ташлади.

Оқибат — саратон телпагим яғир-яғир бўлиб қолди.

Мен ана шу саратон телпагимни босиб-босиб кийиб олдим.

2

Ҳаво мўътадил-мўътадил келди.

Далаларим бети таранг-таранг бўлди.

Далаларим ости билинар-билинмас ғимир-ғимир этди.

Далаларим остида кўрсичқон қимирламишдай бўлди. Далаларим остида чувалчанг ўрмаламишдай бўлди.

Далаларим бети сочдай-сочдай ёрилди.

Далаларим... болалади! Тўққиз кун-у, тўққиз соатда болалади!

Пушталарда тўп-тўп майсалар ниш берди. Пушталарда кўк-кўк майсалар ниш берди.

Далаларим бағри тўлди. Далаларим бағри бутун бўлди.

Мени бағрим далаларимдан-да бутун бўлди.

3

Майсаларим ўн беш кунлик бўлди. Ушбу кунда майсаларим чинбарг ёйди. Чинбаргдан тобинан майсаларимни чин оти билан атар бўлдим.

Ғўза!

4

Ўзингникидан қиз олма, демишлари ҳаққост чин бўлди.

Аёлимизга қаттиқ-қуруқ гапириб бўлмади. Гапирайин дедим — тилим бормади. Холамизни қизи-да — бўламиз-да!

Гапирмайин дедим — эркак эркак-да, тағин бўлмади. Бир оғиз гапирдим— аёлимиз онамизни пинжига тиқилиб ўтириб олди. Онамиздан бери келмади.

Имо этсам-да келмади, ишора этсам-да келмади. Овозимни баландлатдим — онамиздан гап эшитдим:
— Кекирдагингни кўп чўза берма, ошингни ейин! Ўзиники-да, минг қилса-да ўзиники-да — опасини қизи-да!

Онамиздан паналатиб-паналатиб аёлимизга кўр-мушт дўлайтирдим. Ҳали кўрасан, деган бўлдим.

Муомала отангни қулими, дейди. Муомала этдим — аёлимизни айланиб-ўргилдим. Далага олиб бориб айланиб-ўргилдим, даладан олиб келиб айланиб-ўргилдим.

Аёлимиз боришда-да мазам йўқ, деди, келишда-да мазам йўқ, деди.

Инчунин, аёлимиздан ранг кетди. Бет-боши заҳилдан-заҳил бўлди.

Кўзлари сузилиб қолди. Дармондан қолди.

Кўнглим ҳадик олди. Эшагимни миндим-да, Расул дўхтирга бордим.

Расул дўхтир қутисини ковлади. Олдимга бир-иккита дори ташлади.
— Мана шуларни бир кунда уч мартадан ичирасиз, — деди, — уч кун ичса, ўзидан-ўзи яхши бўп кетади.
— Олдин ўзини бориб кўринг-да, дўхтир.
— Кўриш шарт эмас, кўрмасдаи биламан.
— Нимани биласиз?
— Дардини биламан. Ҳозир кун қизияпти. Витамин етишмаётганда, витамин.
— Витамин бор, дўхтир, витамин бор.
— Витамин етишмайди, витамин! Шундай кун тиғида пахтада ишлашни ўзи бўлмайди. Ит азоб, ит азоб! Бари дард ана шундан.
— Ўйнаб қўяй, дўхтир, ўйнаб қўяй, витаминларингиздан. Ўзларимиз пахта ичида ўсдик. Худога шукур, мана, отдаймиз. Витамин тугул, ҳамма нарсамиз бор! Юзимизга қаранг, ким айтади, бизда витамин йўқ деб?
— Энди, сиз эркак одамсиз.
— Ўлманг, бир рўзғорда бир одамда витамин бўлса бўлди-да. Рўзғорбошида витамин бўлса бўлди-да. Юринг-е, дўхтир-е, аёлимиз кўп ёмон бўп қолди-е!
— Хўп, бораман, қандай бориб келаман?
— Мана, эшагимда ғир этиб олиб бориб, ғир этиб олиб келиб қўяман.
— Хўп, унда, юринг.

Расул дўхтирни мингаштириб келдим.

Шийпонда аёлимизни овоз бериб чақирдим.

Далада тизилишиб кетмон чопмиш аёллар қад ростлади. Қўлларини қошларига соябонлаб қаради.

Мен қўлимни пешлаб, аёлимизни кўрсатдим. Аёлимизни айтиб юборинглар, деган бўлдим.

Кун кетди.

Осмон зиғир гулдай-зиғир гулдай бўлди.

Қиблатоҳда уч кунлик ой бўй-бўйлади. Ой ўроқдай бел-бел бўйлади.

Аёлимиз даладан келди. Шийпон кетида ияк-чаккасини рўмоли билан ўраб турди. Менга қараб ияк силтади — нима дейсиз, деган бўлди.
— Берман кел, — дедим. —Мана, дўхтир бовани олиб келдим, сени бир кўрсатайин, дедим.

Аёлимиз рўмолини бўйнидан ошириб ўради, ерга қаради. Калиши учи билан ер чизди.
— Берман кел, дейман! — дедим.

Аёлимиз бош силтади — бормайман, деган бўлди.
— Ай, сенга айтаяпман! — дедим. — Дўхтир сени одам деб келди! Дўхтирни сендан бошқа-да ишлари мўл!

Аёлимиз ердан кўз олмайин зайли шийпон ичкарилади.

Расул дўхтирдан ийманаяпти, дея ўйладим. Кетидан кириб бордим.
— Ай, нимадан уяласан, дўхтир ўзимизни Расулбой-ку, юр, — дедим.

Аёлимиз шаҳодат бармоғини чаккасига нуқиб-нуқиб кўрсатди.
— Ҳа, калланг оғрияптими? — дедим.
— Ў-ўй, бу кишида калла борми ўзи? — деди аёлимиз.
— Бор, нима эди, бор?
— Калласи бўлса, дўхтир чақирадими?
— Дардга дўхтир чақирмай, кимни чақиради? Аёлимиз тағин чаккасига бармоқ нуқиб кўрсатди.
— Бўлмаса, дардингни менга айт, — дедим. — Мен Расул дўхтирга бориб айтаман. Дўхтир, шундай-шундай экан, дейман.

Аёлимиз бош чайқаб кулди. Аёлимиз ерга қараб кулди. Аёлимиз оғиз ушлаб кулди.

Аёлимиз деразадан уч кунлик ойга ишора берди...

5

Ғўзаларим йигирма кунлик бўлди.

Мен ғўзаларимни яганалар бўлдим.

Жўя чўнқайиб ўтирдим. Силжиб-силжиб ғўза яганаладим.

Мен суғуриб-суғуриб ғўза яганаламадим — суғурилмиш ғўза қабатида қолажак ғўза томирлари жойидан кўчиб-кўчиб қолади.

Мен чимдиб-чимдиб ғўза яганаладим. Мен қўшқўллаб-қўшқуллаб ғўза яганаладим.

Бир қадамда йигирма-йигирма бештадан ғўза бўлди.

Бир ғўзам танаси оқимтил бўлди — ғўзам томиридан зил кетди. Демак, ғўзам энди одам бўлмайди.

Мен ана шу ғўзамни чимдиб ташладим.

Бир ғўзамни бир барги бор бўлди, бир барги йўқ бўлди. Яккабарг бўлди. Яккабарг ғўза — чала ғўза!

Мен яккабарг ғўзамни чимдим ташладим.

Бир ғўзам барглари илма-тешик бўлди. Донача-донача бўлди. Демак, ғўзам элбурутдан дардманд бўлди.

Мен дардманд ғўзамни чимдиб ташладим — соғлом ғўзаларимга дарди юқмасин, дедим.

Бир ғўзам пушта ёнбошида бўлди. Бир ғўзам жўя ичида бўлди. Иккови-да соғлом-соғлом ғўза бўлди. Аммо зиёди ғўзалар бўлди. Боиси — ўз жойида кўкармаган ғўзалар бўлди.

Мен икковини-да чимдиб-чимдиб ташладим.

Нимжон-нимжон ғўзаларни чимдиб-чимдиб ташладим. Майиб-майиб ғўзаларни чимдиб-чимдиб ташладим.

Кесаклар орасида қолмиш ғўзаларимни силаб-сийпаб ростладим. Кесакларни кафтларимда уматиб-уматиб сочдим.

Бармоқларимни ер ботириб-ер ботириб ғўзаларим ост-устини мулойимладим.

Бир қадамда тўққиз-ўн тупдан соғлом-соғлом ғўза қолдирдим.

Бир ҳафтадан кейин иккинчи бор яганаладим.

Бу сафар елти-етти тупдан ғўза қолдирдим.

6

Оқшом вақти қизимиз илиқ сув қуйди.

Мен қўлларимни олқиндилаб-олқиндилаб ювдим. Бот-бот ювдим.

Кафтларимда ғўза кўки билан иси ўтириб қолди.

Тирноқларим ораси қоп-қора бўлиб қолди.

Мен тирноқларим орасини тирноқ тиқиб ковладим.

Мен тирноқларим орасини гугуртчўп тиқиб ковладим.

Мен тирноқларим орасини жуволдиз тиқиб ковладим.

Тирноқ учларим қоп-қоралигича қолди.

Тирноқ учларим кир-кирлигича қолди.

7

Уйқумда биров йиғлади. Мен олдин тушим, дея ўйладим. Йиғи ҳаминқадар зўрайди.

Шунда, уйқум қочди. Нимкала кўз очдим. Уйқули қарадим.

Бешикдаги чақалоғимиз йиғлади. Мен аёлимизни узала туртдим. Аёлимиз инг-инг эта жимиб қолди. Мен энди аёлимиз биқинидан нуқиладим.
— Ай, тур, боланг йиғлаяпти, — дедим. Аёлимиз тўлғонди. Аёлимиз уйқусиради.
— У-у-у... — деди.

Ётмиш зайли бешикка қўл узатди. Бешик тебратиб-тебратиб ухлади.

Чақалоғимиз узмади. Чақалоғимиз мижжа қоқтирмади. Чақалоғимиз қулоқ-мияни еди!

Мен зада-зада туриб ўтирдим. Аёлимизни тебратдим.
— Ай, жонинг борми? Анави йиғлаяпти деяпман! — дедим.

Аёлимиз даст туриб ўтирди.

Бешик пардани очди. Бешик тебратгичда осилмиш ўйинчоқларни шалдиратди.
— Ҳа, жоним?! — деди. — Нима дейсан, жоним?! Ўчир, бўлди, ўчир!

Чақалоғимиз шунда-да ўчирмади. Биғғ-биғғ йиғлай берди.

Аёлимиз ёмон қилиқ қилди-ёв — чақалоғимиз энди чирр-чирр йиғлади.

Аёлимиз чимчилаб олди-ёв!

Мен хит-хит бўлдим — аёлимиз елкасидан итариб ташладим:

Аёлимиз бир мункиб олди.
— Ҳа?! — деди. — Нимага уради?!
— Нимага болани урасан?
— Ким ураяпти?!
— Сен ураяпсан.
— Урмадим!
— Урдинг. Бўлмаса, бола бундайин чинқириб йиғламайди.
— Урмадим деяпман-ку!
— Урмаган бўлсанг, чимчиладинг.
— Бўлмаса, нима қил, дейди?!
— Болани чимчилама, йиғлоқи бўп ўсади. Эркалат, суй!

8

Тулки қизига тўй берди.

Кун қиялаб-қиялаб нур тўкди. Кун сариқ-сариқ нур тўкди.

Кун бетини кўриб бўлмади. Кун нурига қараб бўлмади.

Олам илиқ-илиқ бўлди. Олам сариқ-сариқ бўлди.

Ҳавода оппоқ-оппоқ бир нималар учди. Ҳавола-ҳавола учди. Айлана-айлана учди. Бурала-бурала учди.

Осмон мисоли ун элакламиш-ун элакламиш бўлди.

Оппоқ булутлар орасидан кун нурлари тўкилиб-тўкилиб турди.

Қор лайлаклаб-лайлаклаб ёғди. Қор ерга тушиб-тушмас ёғди.

Лайлакқор таққа тинди.

Ерда қор тугул, нам-да бўлмади. Қор ҳавоси-да бўлмади.

Ўйнаб қўяй, бундайин ҳавони оти нима бўлди?

Қор ёғмади, дейин дедим— ҳавода лайлаклаб қор ўйнади.

Лайлаклаб қор ёғди, дейин дедим — ерда қордан нишоиа бўлмади.

Деҳқон бундай ҳавони:
— Тулки қизига тўй берди, — дейди.

Кечаси йиғилишда раисимиз кунлик яганани сўради. Йўл-йўриқлар берди.

Шунда, раисимиз олдида турмиш телефон жиринглади.

Раисимиз телефонда салом-алик бўлди,

Гап-сўзидан билдим — раисимиз Идеология билан гапиришди. Об-ҳавоии гапиришди. Чайнаб-чайнаб гапиришди.

Раисимиз шарақлатиб телефон даста ташлади. Деразага қараб лаб бурди.
— Тавба, — деди. — Ажаб вакиламиз бор-да. Колхозларингизда қор ёққан эмиш, ғўза нима бўлди, дейди. Қор ёққан йўқ, тулки қизига тўй берди, десам, тулкиям тўй қиладими, дейди...

9

Далаларимга хонқизи дегич ҳашарот айланди.

Биз сурхонилар хонқизини гуллигич деймиз.

Гуллигич сариқ қўнғиздай келади. Тумшуғи қора бўлади. Танасида қора-қора доначалари-да бў-лади, оқ-оқ доначаларида бўлади. Учса, қанотлари катта-катта ёйилиб учади.

Болалар гуллигич ушлаб ўйнади, Болалар гуллигич ҳайдаб ўйнади,

Болалар:

Хол-хол,
Отанг ўлди,
Онанг ўлди,
Бориб хабар олмайсанми? —

дея, дирр-дирр қўйиб чопди.

Гуллигич болалар кафтида юрди. Гуллигич болалар қўл-юзида юрди, гуллигич болалар енгида юрди.

Гуллигич ўрмалаб юришдан қолмади — болалар дир-дирр қўйиб ашула айтишдан қолмади:

Хол-хол,
Отанг дарёга оқди
Онанг дарёга оқди
Кетмон олиб чоп-чоп,
Кетмон олиб чоп-чоп!
Гуллигич сурбет бўлди. Гуллигич кетмади. Гуллигич кетмаса тағин бўлмади — гуллигич ҳашаротлар бош бобоси бўлди. Гуллигич минг-минглаб болалар бўлди.

Мен далаларимни гуллигичофат билан дориладим — «Б-58» дегич заҳар дори сепдим.

Заҳардан бир ҳафта дала йўлай олмадим.

10

Ўқариқ олдим.

Нима учун ўқариқ деймиз?

Бундай қаралса —ер равон-равон кўринади. Бундай қаралса — ер текис-текис кўринади.

Шундай-шундай ариқ олса бўлди — сув бир зайлда оқа берадигандай бўлади.

Аслида ундай бўлмайди.

Ерни ўз тоби бўлади. Ерни ўз ўнг-чапи бўлади. Ерни ўз тош-тарозиси бўлди.

Ана шу тобни туймагич деҳқон ўқариқ олиб юр-масин. У олмиш ўқариқ кўча-кўйги жайдари ариқ бўлади. У олмиш ўқариқда сув равон-равон оқмайди.

Ана шу ўнг-чапни илғолмагич деҳқон ўқариқ олиб юрмасин. У олмиш ўқариқда сув кўллаб-кўллаб қолади. У олмиш ўқариқда сув уриб-уриб оқади.

Ана шу тош-тарозини билмагич деҳқон ўқариқ олиб юрмасин. Сув у олмиш ўқариқ охиригачайин оқиб-оқиб бормайди.

Деҳқони кўз тарози бўлади, деҳқони кўнгил қози бўлади!

Ўқариқни ана шу деҳқон олсин!

Ана шу деҳқон олмиш ўқариқ ўқдай бўлади.

Сув ана шу ўқариқдан ўқдай оқади.

11

Деразага ранг кирди. Аёлимизни уйқули туртдим.
— Ай, тур, тонг отди, — дедим.
— Э-э-э...

Аёлимиз ингиллади. Қўлимни суриб ташлади. Тағин бир маромда пишиллади.

Бор-е, менга нима, дедим-да, чаппа бурилиб ётиб олдим.

Дераза тарафдан хўроз қичқирди. Хўроз чўзиб-чўзиб қичқирди.

Кўз очмаганларимга-да қўймади.

Дераза оқарди. Оппоқ пардадай бўлди.

Мен энди аёлимиз сочидан тортқиладим.
— Ай, тонг отди, деяпман.
— Э-э-э...

Аёлимиз туриб ўтирди. Юз-кўзини уқалади. Деразага қаради. Болишига қаради. Тағин тўшакка ташлади.

Бу сафар билагидан чимчилаб олдим.

Аёлимиз сапчиб турди. Қўлимга тарсиллатиб бир урди.
— Ўлсам қутуламанми шундан, ўлсам қутуламанми?! — деди.

Рўмолини бошига ила-ила ташқарилади.

Мен хиёлдан кейин турдим. Рўйи ҳушим бўлмади. Тандир четида чўнқайиб ўтирдим. Кўзларимни уқаладим. Керишиб эснадим.

Онамиз том кетилаб обтова кўтариб ўтди.

Аёлимиз қўлювгичда юз-қўл ювган бўлди. Наридан-бери артинган бўлди.

Бузоғини етаклаб келиб молини эмизди. Нўхта тортиб-нўхта тортиб эмизди.

Бузоқни тағин қозиқ қантарди.

Ошхонадан кади олиб келди, сигир остида чўнқайди. Тиззалари орасига кади олди.

Аёлимиз сигир соғди.

Сигир аёлимизни думи билан уриб-уриб турди.

Тағин бузоқни қўйберди. Бузоқ онаси елинига ёпишди.

Аёлимиз ошхонада докадан сут ўтказди. Ўчоққа сут осди.

Бир қучоқ йўнғичқа ўриб келиб молга ташлади.

Итялоққа ёвғон сарқит солди.

Товуқларга дон сочди.

Қозонда кўпириб тошмиш сутни лўкиллаб бориб олди.

Мол остини қаради.

Эшик-орага сув сепди. Супуриб-сидирди.

Ичкарида бирин-кетин болалар чиқиб келди: Бирови юз-қўлини ювди, бирови юз-қўлини ювмади.

Аёлимиз юз-қўл ювмагичларни қўлювгич остига етаклаб борди.

Болалар сувдан сесканди. Болалар сувдан бет бурди. Болалар вой-войлади.

Аёлимиз қулоқ солмади. Барини юз-қўлини ювди. Иштон киймагичларига иштон кийгизди.

Ташқи сўрига гилам тўшади. Кўрпача солди. Дастурхон ёйди. Чой дамлади.

Ичкаридан шиптирдан-шиптир кўрпачалар олиб келди. Симга ёйиб-ёйиб осди.

Ўчоқдан кул олиб келди. Шиптирларга ҳовучлаб-ҳовучлаб сепди.

Чақалоғимиз тувагини тўкиб келди.

Мактаб боргич бошаларини кийинтирди. Қўлига китоб-дафтар берди. Елкасига сумка осди.

Қизлари сочига қизиш таома тақди.

Ўғиллари оёқ либосларини кийдирди. Пайдарпай-пайдарпай киймишларини ўнг-ўнг кийдирди. Ипларини бойлади.

Барини кўчалатиб ҳайдаб борди. Барини мактаб ҳайдаб солди.

Қодир ўғлини дастёрликка олиб қолди.

Онамиз мункиллаб-мункиллаб сўри келди.

Мен чойимни ичиб бўлдим. Кафтларимни юзимга сурта-сурта сўридан тушдим.

Аёлимиз қатиқ уютди: сутга бир қошиқ томизғи қатиқ солди. Кадини жанда чопон ўраб-ўраб қўйди.

Молни бўшатди. Қодир ўғли олдига солиб берди.
— Подага қўш-да, шундан шуёққа мактабга жўна! — деди.

Сўри теварак-гирдини айланди. Болалар ташламиш ушоқларни териб-териб олди.
— Эна, невараларингиз ўқишдан келса, кўз айирманг, тағин кўчага чиқиб кетмасин, — деди.
— Ҳа, эр-хотин етимларингни топдиларинг! — тўнғиллади онамиз.
— Ундай деманг, эна, ундай деманг, бари ўзингизни болаларингиз.
— Бола, бола! Умрим бола боқиб ўтди! Отасини боққаним камдай, энди боласиниям боқаман!
— Боламни тўйгунимча боқаман, неварамни ўлгунимча боқаман, деганлари шу-да, эна, — деди аёлимиз. — Кўкрагимдагини ташлаб кетмаганимга шукур қилинг.
— Ҳа, энди кўкрагингдагиниям ташлаб кет, ҳа! Бир камим невара эмизиш қолиб эди! Оёғимни узатиб, эмин-эркин ўлганиям қўйманглар!
— Ҳали эрта, эна...
— Ҳали эрта, эрта! Бу дунёни ишидан мозорга кириб қутулмасам, қутулмайман!

Мен эшагимга тушлик солинмиш хуржунимни ташладим. Аёлимизга тайинладим:
— Далага эртароқ бор, — дедим.

12

Техника ой билан бўйлашса-да, кетмонсиз дала — дала бўлмайди.

Мен трактор кетига тўрт қатор тиш уладим. Ҳар қатор орасида иккитадан пичоқ қўйдим. Ҳар қатор орасида биттадан ўқсимоя панжа қўйдим.

Ғўзаларим остини ҳайдадим. Ғўзатомир қирқилмасин ё лат емасин дея, олти-етти сантим чуқурлик-да ҳайдадим.

Тиш ғўза бўғзига тегмай-тегмай юрди.

Тиш эгат тупроғини ғўза бўғзига уюб-уюб юрди.

Оқибат — ғўза бўғиз кўмилиб қолди. Ғўза бўғиз қотиб қолди. Ғўза бўғиз нафас ололмай қолди.

Бу боис, далаларимга кетмон солдим.

Ботириб кетмон солайин, дедим — ғўзатомир қирқилажак бўлди.

Саёз кетмон солайин, дедим — ғўзатомир остда қолажак бўлди.

Мен кетмонимга эрк бермайин-эрк бермайин кетмон солдим.

13

Ғўзаларим бир ойлик бўлди.

Ана шунда бир шамол турди, бир шамол турди.

Афғон шамоли дейин дедим — шамол Ҳисор тарафдан эсди.

Шамол ғўзаларимни бир чапга қайирди, бир ўнгга қайирди.

Ғўзаларим айқаш-уйқаш бўлиб қолди. Ғўзаларим букчайиб-букчайиб қолди. Ғўзаларим ётиб-ётиб қолди.

Пушталарда тизилмиш кўклар ғўза бўлдими ё бошқа бир майса бўлдими — билиб бўлмай қолди.

Мен наҳор-наҳорлаб далаларим бошида чўк тушдим.

Ётиб-ётиб қолмиш ғўзаларимни қўшқўллаб-қўшқўллаб ростладим.

Айқаш-уйқаш ғўзаларимни кафтлаб-кафтлаб тарадим.

Ғўзаларим тағин бўй-бўйлади.

14

Мажлис қариди.
— Сиз билан биз ҳали-ҳамон дотацияда яшаймиз, ўртоқлар! — дея якунлади раисимиз. — Дотациядан қутулиш учун қўлни қўлга бериб меҳнат қилмасак бўлмайди! Дотациядан қутулайлик, ана ундан кейин одамдай яшасак бўлади!

Қабатимда ўтирмиш бригадир қулоғига шивирладим:
— Қаерда яшаймиз, дейди? — дедим.
— Дотацияда, —дейди.
— У қаерда?

Бригадир товони билан ер тепиб кўрсатди.
— Шу ерда, — деди. — Мана, мана шу ерда. Шуниям билмайсанми, ҳе, кўрсавод.

Гапимизга тағин бир бригадир қўшилди.
— Дотацияда яшаймиз дегани, муттаҳамларча яшаймиз, дегани-да?
— Унчалик эмас-е, ҳе, гапинг қурсин.
— Бўлмаса, нима дегани? Ё, текинхўрларча яшаймиз, деганими?
— Ундай ҳам эмас. Нима десам экан, дотация дегани... давлат қарамоғида яшаймиз, дегани. Йўқ, буям ундай тўғри бўлмайди. Дотация дегани... қарз бўлиб яшаймиз, дегани.
— Шунча ишлаб-а? — дедим. — Йил ўн икки ой тонгдан шомгача ишлаб-а?
— Тонгдан шомгача ишласанг, ишлаб ёта берасан-да. Пахтанг арпага увоқ ҳам бўлмайди.

Мажлисдан кейин эшагимни қичаб-қичаб ҳайдадим. Ўйлаб-ўйлаб ҳайдадим.

Аёлимиз бирдай бригадирлигимни гапиради, мажлисимизни гапиради. Худони берган кечаси нимани мажлис қиласизлар, дейди. Аёлимиз одамни ё майна этади, ё қитиғимга тегмакчи бўлади.
— Ана, мажлисда нимани гапирамиз! Дотация, дотация!

Аёлимизни ана энди боплайман! Дотация, дегич катталарбоп гаплардан гапираман. Аёлимизни лол-лол қолдираман.

Аёлимиз оғзи очилиб-очилиб қолади. Бригадирлигим билан мажлисимизни майна этмагич бўлади.

Чин-да — бригадир ўз оти ўзи билан бригадир-да. Катта, катта! Бригадир мажлисларда иштирок этади. Бригадир раислар билан гап олиб, гап беради, Дотация, дегич гаплардан гапиришади!

Йўл-йўлакай дотация-дотация... дея пичир-пичир этиб келдим. Эсимдан чиқиб кетмасин, дедим-да.

Эшагим бир ўнқир-чўнқирдан ҳуркди. Чаппа бурилиб тувлади.

Мени ерга шундай олиб урди, шундай олиб урди! Ҳушим бошимдан учди. Ҳушим билан қўшилиб дотация, дегич гап-да учди. Дотация эсимдан чиқди-кетди!

Уйда бот-бот ўйладим — аммо эслай олмадим. Бор-е, дедим-да, ётиб олдим.

Азонда ўйлаб-ўйлаб топдим. Тағин эсимдан чиқмасин дея, ичимда дотация-дотация... дея ўтирдим.

Бир аёлимизга қарадим, бир болаларимизга қарадим, бир онамизга қарадим. Гап очайин дея, баҳона қидирдим.

Бирови-да дастурхондан бош кўтармади. Худди чўлдан келмишдайин ҳур-ҳур чой ичди.

Бирови-да дотация билан иши бўлмади!

Шу тобда аёлдан-да хафа бўлдим, болалардан-да хафа бўлдим.

Ичимда дотация-дотация... дея ўтира бердим.

Баҳона қидирдим — буёғимга қарадим, баҳона қидирдим — уёғимга қарадим. Охири топдим!

Ойсулув қизимиз чойга иккита-учталаб қанд солди.

Мен насиҳатомуз гап очдим.
— Қандни битта-битталаб енглар, дотацияда яшаймиз, — дедим.
— У нима дегани? — деди аёлимиз. Ана шунда жоним кирди!

Кафтларимни тиззаларим тирадим, кўкрагимни кўтардим. Бошимни ғоз тутдим.
— Ҳали, дотацияни билмайсанми? — дедим. — Дотацияни-я? Ай, кўрсавод-е, ай, кўрсавод-е!

Қириниб-қириниб томоқ қирдим. Донишманд-донишманд сўзладим:
— Мактабни неча билан битириб эдинг? Ай, кўрсавод-е! Дотация, бу... хў-ўш... муттаҳамларча яшаш... йўқ, давлат қарамоғида яшаш... йўқ, қарз бўлиб яшаш демакдир, ҳа!
— Қирилиб адо бўлгур, бизни раисимиз-да шундай деяр эди, — деди онамиз.
— Йўғ-е! — дедим.
— Эса-чи. Мен ҳам бор... оти нима эди?
— Дотация.
— Ана шундай гап-да бор!

Ўйнаб қўяй, ота-боболаримиз-да дотацияда яшабди-да?

Отангга сўйилган кал улоқ — сенга-да бўлади шул улоқ, бўлибди-да?

15

Ғўзаларим томири гирдида аччиғ зах бино бўлди.

Аччиғ зах ғўзага эл бўлмайди. Аччиғ зах ғўза томирини чиритиб-чиритиб ташлайди.

Мен дарҳол ғўзаларимга сув бердим.

Аччиғ захни сув билан қувиб-қувиб ҳайдадим.

Ғўзаларим томири озод-озод нафас олди. Ғузаларим томири ёйилиб-ёйилиб роҳат олди.

16

Қош қорайди.

Ғўза билан ёввойи ўт фарқига бориб бўлмай қолди.

Ана шунда аёлларга жавоб бердим. Аёллар бирин-кетин қишлоқ йўл олди.
— Эртага кун чиқмай келинглар, салқинда иш унади! — дедим.
— Эртага бозор-ку! — деди биров.
— Ўйнаб қўяй, пахта бозорни биладими!
— Бу дунёдан дам нималигини билмай ўтамизми энди.
— Дам оласан, пенсияга чиқ, пенсияни жарақ-жарақ олиб, еб ётасан! — дедим.

Аёлимиз шийпондан боласини олиб келиб узатди.
— Ў-ўй, манавини олдига ўнгариб кетсин, оёғимда оёқ қолмади, — деди.
— Бор-е, мен ҳозир идорага кетаман, — дедим. Аёлимиз боласини қайтиб олди. Жеркий-жеркий бағир босди.

Аёлимиз боши узра гумбаз тугун қўндирди. Аёлимиз бағри аро қўшқўллаб бола қучди.

Аёлимиз қишлоқ йўл олди.

Қўл-ҳимосиз гумбаз ҳавода сузиб юрмиш шар мисол қишлоқлади. Қўл-ҳимосиз гумбаз тугун оҳиста тебрана қишлоқлади.

Аёлимиз қўшқўллаб-қўшқўллаб бола қуча-қуча қишлоқлади.

Аёлимиз аёллар ашуласини айта-айта қшплоқлади:
— Кўрган куним қурсин.

17

Идорадан бир маҳалда қайтдим.

Эшагимни қантардим. Тўқимини олмадим.

Пичадан сўғин тонг отади — ишни кўпайтириб ўтирайинми, дедим.

Ичкарида ойнаижаҳон кўрсатмай қолибди.

Болалар бурабди-бурабди—ойнаижаҳон бурагичини синдириб ташлабди.

Мен омбордан билакдай-омбир топиб келдим.

Омбир билан ойнаижаҳон бурадим. Ўнглай-ўнглай бурадим. Чаппалай-чаппалай бурадим. Қирр-қирр бурадим.

Ойнаижаҳон пир-пир этди, ойнаижаҳои бижир-бижир этди — аммо кўрсатмади.

Мен болаларни уришиб-уришиб ташладим. Бирини қўйиб бирини сўкиб ташладим.
— Отангни илигига!.. — дедим. — Дуппа-дуруст ойнаижаҳонни бузган отангни илигага!..

Болалар бир-бирига солди:
— Мен эмас, Қодир бузди.
— Биринчи Ойсулув буради.
— Э, баринг бир гўр! — дедим.

Мен девор соат қарадим — соат ўн иккидан ошибди. Ойнаижаҳон кўрсатувлари тамом бўлибди.

Шундай бўлса-да, болалар олдида сир бой бермадим.
— Боринглар, ётииглар, — дедим. —Яхши ўқисаларииг, эртага тузатиб бераман.

Мен ана қарадим-мана қарадим —таомдан дарак бўлмади.
— Ай, вақт бемаҳал бўлди! — дея овоз бердим.
— Бемаҳал бўлса нима қилайин? — деди аёлимиз.
— Бирон ниманг борми?
— Бор, энди пишади.
— Ҳалиям пишмадими-е?
— Шу вақтгача ўйнаб ўтирганим йўқ. Қозондан бошқаям тирикчилигим кўп. Хамир қордим...

Сағал ўтди — аёлимиз бир корсон пиёва олиб келди.
— Гўшти йўқ, гўшт тамом бўлди, — деди.
— Бизга бўла беради, — дедим. — Қозон ўзимизники, қорин ўзимизники. Қорин тўйса бўлди-да.
— Энди, гўштни қайтади?
— Жума бозор куни Норин қассоб мол сўяди дейишаяпти, шундан оламиз-да.

Пиёвадан сўғин чой ичдим.

Енбошлаб ётдим-ётдим — кўзим илинди. Қанча ётдим — билмадим.

Бир маҳал кўзимни очдим — ҳовлида ловв-ловв олов ўрлади.
— Ай! — дея сапчиб турдим. Аёлимиз зардоб-зардоб овоз берди:
— Жоним, жоним?!
— Ай, нима қилаяпсан?
— Тандир қизитаяпман, нима эди?

Шундагина нима гаплигини билдим. Нима дейишимни билмадим.
— Ётар вақтиям нон ёпадими? — дедим.
— Ётарда нон ёпмаса, гўрда ёпадими?!

18-19

Қуруқ беда егич мол гўнги аъло-аъло гўнг бўлади!

Қуруқ беда егич мол пешоби серазот-серазот бўлади!

Мен улкан ўрага ана шундай гўнг тўдаладим. Ўра бет-бошини синчлаб-синчлаб тупроқладим.

Ўрада қолмиш жониворлар ғимир-ғимир болалади. Бир жонивор бир соатда ўн беш-йигирма болалади. Бир жонивор бир кунда миллион-миллион болалади.

Ана шу жониворлар ғимир-ғимиридан гўнг ич-ичлари аро ҳаво кириб-чиқиб турди. Ана шу жониворлар ғимир-ғимиридан гўнг чириб-чириб турди. Ўрадан шиптир анқиб-шиптир анқиб қолди.

Мен ана шунда хазинамни очдим!

Шиптир гўнг билан тупроқ аралаштирдим. Пешма-пеш дала ташидим.

Дадаларимни шиптир гўнгладим.

Димоғимда шиптир ис ўтириб-ўтириб қолди.

Бир қадамда бир тупуриб кун кўрдим.
— Ҳали, гап очилса айтаман-да. Оғзимга толқон солиб ўтирмайман-да.
— Ҳа-а, мақтаб қўя берсин-да.
— Нима деб мақтайин, сен айт-да? Эркак одам умри далада ўтади, нимани билади.
— Тавба-е, аёл одамни умриям уйда ўтаётган йўқ!
— Ишқилиб, аёл аёл-да, қиз болани яхши билади.
— Нима деб мақтарди, қизимиз унча-мунча қизлардан эмас, дейди-да. Камгап, пазанда, чевар дейди-да.
— Бизни қизимиз дейин-а?
— Дейди-да, ўзини қизлари билан билла ўйнаб катта бўлгандан кейин, дейди-да.
— Чин, катта бўлибди, билмай қолибман, чин.
— Ўзини қизидай гапда.
— Чин, ўзимни қизимдай гап, чин.
— Ишқилиб, мақтайди-да.
— Мақтайман-да, қизимизни мақтайман-да. Ё, пирим, мен энди борайин, айтган жойдан қолма, дедилар.

Сўридан кўча йўл олдим.

Раиси дарвоза олдида майда машина мўл бўлди — демак, раисимиз даврани катта олди.

Мен раиси дарвозаии жонли-жонли тақиллатдим.

Дарвозани раисимизни ўғли очди.

Мен чақирибсизлар дея, ичкари кириб кета берайин дедим — бетим бўлмади.
— Раис бова борми? — дедим.
— Бор-бор, айтиб келайин. Раисимиз чайқала-чайқала келди.
— Э-э, Деҳқонқул ака, тинчликми? — деди.
— Тинчлик, раис бова, тинчлик, — дедим. — Ҳорманг, раис бова?
— Саломат, саломат...

Шоберди бахши эшиб-эшиб дўмбира чалди.
— Ҳа, нима гап?
— Ҳеч гап йўқ, раис бова.
— Тракторларинг бузилиб қолибди, деб эшитдим?
— Созладик, раис бова, созладик.
— Ҳа-а, раис бова... қизимизга... одам келибди..
— Қизингизга одам келибди? Йўғ-е, қизингиз ҳали гўдак шекилли?
— Йўқ... қизимиз... қизингизга деймаи.
— Ҳа-а, менинг қизимни айтаяпсизми? Келди келди, ҳали-ҳозирча эскичасига нон синдириб қўйдик.
— Нон синдирдиларингизми?
— Ҳа-да, ўйлаб ўтирамизми. Синдирдик-қўйдик.
— Бинойи бўпти, хўп бинойи бўпти, — дедим. — Ҳа-а, чақирган экансиз, раис бова?
— Чақирибман? Қачон? Э, ҳа-а, бугун Деҳқонободи қуда бўлмишлар иккита фотиҳа қўй ташлаб кетиб эди. Шу қўйни бировини сўйиб, район катталарини чақирайин, дедим. Чой ичиб кетинг, этайин, дедим. Уёққа бола юбордим, буёққа бола юбордим, Қўй сўйгич одам тополмадим.
— Ўзимга айтинг эди, даладан вақтлироқ келиб сўйиб берар эдим.
— Бўлди-бўлди, Клара Ходжаевнани шопирига сўйдирдим. Ўзимиз сўйиб, ўзимиз еб ётибмиз.
— Қандай... Этли-сулли қўй эканми?
— Ҳа энди, Деҳқонободи қўй бўлгандан кейин, этли-сулли қўй бўлади-да.

Шоберди бахши бўғилиб-бўғилиб достон айтди.
— Бўпти, Деҳқонқул ака, — деди раисимиз, — тракторингиз тағин бузилса, дарров хабар беринг. Ана, ичкарида район техника бошқармаси пири ўтирибди, Бир оғиз айтамиз, исталган эҳтиёт қисмларни етказиб беради.

Кетимга қайрилдим.

Дарвозамиздан ичкариладим.

Сўри бошида серрайиб-серрайиб қолдим.

Аёлимиз ажабланмиш бўлди.
— Ҳа, вақтли қайтибди? — деди.
— Кўп ўтирмадим, — дедим. — Катталар маст-аласт. Ит эгасини танимайди...

20

Мен бегона ўт учун гўнг солиб эдимми? Мен бегона ўт учун сув бериб эдимми? Далаларимни шундай ўт босди, шундай ўт босди! Ғўзаларим бегона ўт остида қолди. Ғўзаларим бегона ўт чангалида қолди.

Далаларимда етмиш хилдан зиёд бегона ўт ўсди!

Далаларим пахтапайкал бўлмади — далаларим ўтпайкал бўлди.

Ғўзаларим нозик даврида бўлди. Ғўзаларим сертомирламади. Ғўзаларим ботин ерламади.

Бундай вақтда далага трактор солиб бўлмайди. Трактор ерни парча-парча кўчириб ташлайди.

Ғўзаларим ерпарчалар билан кўчиб-кўчиб қолади. Ғўзаларим қуриб-қуриб қолади.

Айни вақтда ғўзаларимга кетмон солиб-да бўлмайди. Ғўзаларимга кетмон-да зиён беради.

Бирдан-бир йўлим — бегона ўтларни битта-битталаб юлиб ташлаш бўлди.

Айни вақтда униб чиқмиш бегона ўтларни юлиб ташлаш мушкул бўлмади. Булар бир йиллик бегона ўтлар бўлди. Бир йиллик бегона ўт томири ер остлаб кетмайди. Шундай ер юзасида бўлади.

Боиси — бир йиллик бегона ўт дондан болалайди.

Дастлаб қўлим тегмиш ўт такасоқол бўлди.

Такасоқол ингичка барг ўт бўлди. Узун-узун ўт бўлди. Оппоқ танли ўт бўлди.

Оёқларим уюшиб-уюшиб қолди. Тиззаларим шол-шол бўлиб қолди.

Кун қоқ миямдан уриб турди.

Мен тизза суяниб қад ростладим.

Тиззамдан пастим қақшаб-қақшаб олди...

Чўнқайиб ўтиришдан оёқларим безиллаб қолди. Энди ерга икки букилдим — тўрт оёқ бўлдим.

Белим баландда бўлди. Икки оёғим эгатда бўлди. Икки қўлим пуштада бўлди.

Бир нозик танали бегона ўтни ушладим.

Бу печак ўт бўлди. Оппоқ гуллик. Нўхатсимон донлик. Донлари бир юз қирқ мингтача болалагич ўт.

Мен печак ўтни томири билан суғуриб ташладим.

Мен энди бориб турмиш зараркунанда ажриққа дуч келдим.

Ажриқ ғўза кўкариб чиқмасдан олдин кўкаради. Боиси — ажриқ томирдан кўкаради.

Ўзга бегона ўтлар ғўза билан иши бўлмайди. Боши етганичайин ўз ҳавосида ўсиб ёта беради.

Ажриқ ғўза бўғзидан олади. Ажриқ ғўза белидан олади.

Ажриқ ғўзани томир оттирмайин ўраб-чирмаб босади.

Ажриқни йўқотиб бўлмайди!

Эмишки, лайлак юксакдан-юксак бир қояда уя қўйибди. Лайлак уясига хасчўп ташибди. Хасчўплар орасида бир қовжироқдан-қовжироқ ажриқ хас-да бўлибди.

Куз ўтибди, қиш ўтибди, баҳор ўтибди, саратон ўтибди.

Бир йилдан кейин шамол ана шу ажриқ хасни уядан ерга учириб туширибди.

Лайлак уясидан тушмиш хасни кўриб қолибди. Лайлак ўз маконига содиқ қуш-да — макони бир ғишти бўлмиш хасни олиб жойига қўйиш учун қуйи шўнғибди.

Лайлак хасни тумшуғи билан тортқилайди — бўлмабди. Лайлак хасни тумшуғи билан юлқилабди — бўлмабди.

Боиси — ажриқ хас ерда аллақачон томир отиб қолибди!

Мен бармоқларимни ер ботириб-ер ботириб ажриқ томир ковладим.

Кўз олдим қоронғи бўлди. Қўшқўллаб ер суяндим: Қаддимни кўтарайин дедим — кўтаролмадим. Белим қотиб қолди.

Бир қўлимни белимга тираб қаддимни кўтардим.
— Ай, белим-е, белим! — дедим.

Дардимни кимга айтдим — ўзим-да билмадим.

Қабатимда ўтоқ қилмиш деҳқонлар ўз дарди ўзи билан бўлди.

Тағин икки букилдим.

Бир қўлим билан ғўза ушлаб турдим. Бир қўлим билан бегона ўт юлдим.

Шундай қилмасам бўлмайди — ғўзаларим бегона ўт билан қўшилиб юлиниб қолади. Ғўзаларим ости кўчиб-кўчиб қолади.

Далаларим адоғигачайин ана шундай икки букилиб бора бердим. Далаларим адоғигачайин ана шундай қад кўтармай бора бердим.

Қаддимни кўтарсам бўлмайди — тағин букилолмай қоламан.

21

Қоронғи намозшомда иссиқ сувлаб-иссиқ сувлаб қўл ювдим.

Олқиндилаб-олқиндилаб қўл ювдим.

Бегона ўт кўклари кетмади. Кафтларим кўкмак-кўкмак бўлиб қолди. Кафтларим қора-қора чизиқ бўлиб қолди.

22

Аёлимиз кенжадан тўнғичимизни остонага қўйди.
— Бор отага, бор! — деди.

Кенжадан тўнғичимиз мийиқ кулиб қаради. Кенжадан тўнғичимиз бармоқ сўриб қаради.
— Ҳа? — дедим. — Кел, қани, кел!

Мен кенжадан тўнғичимизни бармоқларим билан ўзимга имладим.

Кенжадан тўнғичимиз қулоч очди. Бидирлаб-бидирлаб келди. Бўйнимдан қучоқлаб олди.

Мен кенжадан тўнғичимизни бағримга олдим. Ўзимни кетим билан болиш ташладим.

Кенжадан тўнғичимиз кўксимда миниб ўтирди.

Мен кенжадан тўнғичимиз... булбулини ўйнадим.
— Ўйнаб қўяй, чулдирингдан, ўйнаб қўяй! — дедим. —Чулдирингдан-да, чулдирингдан-да!.. Чулдир катта бўлса, бир аёл олиб олиб берамиз-да!..

Кенжадан тўнғичимиз бет-бошимда бармоқ юритди. Кенжадан тўнғичимиз ажинларимни санади.
— Бир, икки, уч...

Кенжадан тўнғичимиздан тўнғич-тўнғичимизгачайин ажинларимни санаб-санаб катта бўлди.

Бирови олтмиш-етмиш санади.

Тағин бирови ... юздан ошириб санади!

Эмиш-эмиш —бир ажин бир қайғуни билдирар эмиш.

Эмиш-эмиш — бир ажин бир дардни билдирар эмиш.

Эмиш-эмиш — бир ажин бир армонни билдирар эмиш.

Олтинчи боб

1

— Барча уй-уйига, капа-куйига! — дея мажлис тарқатди раисимиз. — Деҳқонқул ака, сиз бир майдон оёқ илинг!

Нима гап демишдай раисимиз юзига тикилдим. Бирон аломат англамадим. Жойимга қайтиб ўтирдим. Фаоллар кетиб бўлди. Раисимиз идорани маҳкам ёпиб келди.
— Айтган-бойлаганларингизни чиқара беринг, — деди раисимиз. — Мукофотга мотоцикл олиб бераман.

Мен ҳазил дея ўйладим. Калла ирғаб-калла ирғаб кулдим.
— Ўйнаб қўяй, мотоциклларидан, ўйнаб қўяй, — дедим.
— Нимага каллапойчага ўхшаб ишшаяпсиз? Мен сизга ўнақай гапни айтаяпман!..

Раисимизни гапи қорнидан қўпол бўлди, қорни гапидан қўпол бўлди.

Мен гап чинлигини билдим: Сергак бўлдим. Бармоқларимни қирс-қирс этдим.
— Ҳали-ҳозир бировга билдирмай туринг, — деди раисимиз. — Мукофот ўз оти ўзи билан мукофот-да.

Идорадан теримга сиғмайин қайтдим.

Мотоцикл мукофот олайин-у, ичимда ютайинми? Мотоциклдай учқур техникани ичда ютиб бўладими? Майдароқ бир нима бўлса экан!

Айтмайман-а, айтмайман!

Бола-бақрамни қатор ўтирғизиб мақтандим!
— Меҳнат — меҳнатни таги роҳат, ўртоқлар! — дедим. — Мана энди мотоцикл минамиз, ҳа! Яхши ўқисаларинг, мактабга мотоциклда олиб бориб, мотоциклда олиб келаман. Йўқ, олиб келолмас эканман, ўзларинг пиёда келар экансизлар. Мен кечқурун мотоциклда майлисга борар эканман.

Аёлимиз дастурхондан кўз узмади.
— Мотоциклни пулга беради-да, — дея минғиллади.
— Йўқ, мукофотга олаяпман. Раис ўз тили билан ўзи айтди, мукофотга бераман, деди.

Ҳужраси тарафдан онамиз кела берди.
— Ҳа-а, келин? — деди онамиз. — Анави ошингни ейин Матросов нима деяпти?

Аёлимиз пиқ-пиқ кулди.
— Мотоцикл олаётган эмиш, — деди.
— Эб-эй, қайси битига олар эмиш?
— Мукофотга олар эмиш.
— Ҳа-а, давлат тентак бўпти-да, текиндан-текин мотоцикл бериб!
— Давлатни ундай деманг, эна, — дедим. — Идеология келса, айтиб бермайин, тағин?
— Айта бер! — деди онамиз. — Айта бер, Идеология суюнчисига иштонини ечиб беради!

Онамиз икки бармоғини энлаб-энлаб кўрсатди.
— Идеология суюнчисига манавиндай иштонини ечиб беради! — деди.

Аёлимиз оғиз ушлаб-оғиз ушлаб кулди.

2

Қари билгични пари билмайди, дегичлари чин бўлди.

Раисимиз ҳужжат кўрди.
— Энди, пулини чўзинг, — деди.
— Қандай пул? — дедим.
— Қандай пул бўлардн, мотоциклни пулини-да.
— Ўзингиз... мукофотга бераман, дедингиз-ку раис бова?

Раисимиз кет чалқайиб-кет чалқайиб кулди. Раисимиз қорин билқиллатиб-қорин билқиллатиб кулди.

Кула-кула, масалани баён этди.

Мен ўйлаб ўйимга етолмадим: буни нимаси мукофот? Ҳеч қурса, ярим пулига берсалар-да майли эди. Мукофот дейишга тил борар эди. Кўнгил таскин олар эди.

Мен бунча пулни қаердан оламан? Бозорда бир кило гўшт тўққиз сўм. Ўн кун бўлди — қозонимиз гўшт кўрмади.
— Раис бова, — дедим. — Худога шукур, эшагим бор, бемалол етиб-ортиб турибди.
— Оласиз, мотоцикл оласиз.
— Колхозда нима кўп, аризабоз кўп. Мотоцикл мукофоти берсангиз, аризабозлар ёзади. Оч қорним, тинч қулоғим, раис бова.
— Сиз сара деҳқонимизсиз. Сиз мотоцикл мукофот олсангиз, аризабозлар... қолади!

Мен тиззамга шартиллатиб бир урдим. Бўлар гапни айтдим.
— Хуллас калом... пул йўқ! Ана бўлмаса! — дедим.

Раисимиз пинагини-да бузмади.
— Биламан, сиз айтмасангиз ҳам биламан, — деди. — Деҳқонда пул... ейдими! Деҳқон — бағри қон, дейди! Мотоцикл пулини колхоз тўлайди. Кейин, йиллик даромадингиздан ушлаб қолади.

3

Мен тумандан мотоцикл миниб келдим.

Мотоциклимни ҳовли нақд киндигида тикка тирадим. Олд оёғини қибла қаратиб кўтардим.

Мен мотоциклимни гир айланиб-гир айланиб томоша этдим.

Мотоциклим қибла тараф ана учайин-мана учайин, дегич... ракета мисол туюлди.

Мен ошхонада ивирсимиш аёлимизга овоз бердим.
— Ай, аканг қарағайни мотоциклини кўриб қўй! — дедим. — Бу мотоцикл эмас, ракета, ракета!
— Бу киши қачон одам бўлади, — деди аёлимиз.
— Эб-эй, бизга нима қилибди? — дедим. — Ракетани қара, ракетани!

Аёлимиз деразадан кўринмиш ойнаижаҳонга ишора берди.
— Бу киши-да анави одамлардай бўп, бундайгина, шляпа кийиб юрса бўлмайдими, — деди.
— Қайси, ойнаи жаҳондагиларми? Энди, улар катта одамлар. Биз ҳали у даражага етганимиз йўқ.
— Нимаси катта, улар-да шу кишидай одам.
— Йўқ, сен билмайсан, улар катта одам. Катта одам бўлмаса, ойнаи жаҳонга чиқармиди.
— Катта бўлган балан уларни мотоцикли йўқ, бу кишиники бор.
— Бу гапинг чин! Лекин, қўй, одам уялади, шляпа кийсам, биров-ярим, раис келаяпти, деб ўйлайди.
— Амирбойни аёли бу киши мотоцикли олаётганини эшитиб, мотоцикл олгандан кўра, калласига бир нима олиб кийса бўларди, калласидаги телпаги типратиконни ўлигига ўхшайди, дебди.
—Типратиконни ўлиги? Манави телпагим-а? Ҳай, энағарни аёли-я! Шу аёл қизлигида-да, мендан кир қидирарди! Ғаним — ғаним экан-да. Эртага тонг отсин, шляпа кийганим бўлсин. Ғанимлар куйиб кул бўлсин.

4

Ўзбаки — зўраки, дейди.

Эртаси эрталаб дала ишларимни бир ёқли этдим.

Мотоциклимни миниб Денов йўл олдим.

Шляпа ололмайман-а, шляпа ололмайман, мотоцикл олмиш жооним, шляпани ололмайманми, дея йўл олдим.

Мотоциклимни йўл гирдида қолдирдим.

Қўш қават дўконлаб кўтарилдим. Шляпа сотгич жойни топдим. Шляпаларга назар солдим.

Оқ шляпа, кўк шляпа, сариқ шляпа... бари тешик-тешик шляпа!

Бурчакда иккита қиз ойна кўриб-ойна кўриб ўтирди. Ҳиринг-ҳиринг кулишиб ўтирди.

Мен қизларга қараб турдим-турдим — қизлар отинг нима демади!
— Ў-ў, қизларим-ов! — дея овоз бердим. Қизлар ияк силтади.
— Ҳа, нима? — деди.

Мен кафтим билан бери келинглар, ишорасини бердим.

Қизлар бир-бировига қараб олди. Бирови юзини ушлаб кулди. Бирови бошини кетига ташлаб кулди.

Бирови мен тараф юрди. Олдимга келар-келмас тағин ияк силтади.
— Ҳа, нима керак? — деди.

Қиз қошимда тойчоқдай лик-лик этди. Қиз пештахта чертиб-чертиб ўйнади.

Қиз уст-бошимга қаради. Қиз бетимга қаради... қиз афт бурди. Қиз бурчак қаради.
— Бўлинг, давай, бўлинг! — деди.

Мен нимадан гап бошлашимни билмадим. Бир шляпа бер, дейин дедим — эп бўлмади. Тилим бормади!

Тағин, турган-туришинг шу, сенга шляпани ким қўйибди, дейдими дея ўйладим.

Қиз бурчак тикилиб ликиллашидан — бизга ўхшагичларга шляпа бергич қиз бўлмади.

Бир кўнглим — обрўйимни борида қайтиб кета берайин, дедим.

Бир кўнглим — элан-қаран келдим, энди сўрайин, дедим.

Оғзимни шунча жуфтладим шляпа деёлмадим!
— Анавиндан бер, — дедим.
— Шляпа? Размер, размер?
— Размер деб ўтирасанми, бировини бер-да қўй-да.

Қиз олдимга бир даста шляпа ташлади. Мен ойна олдида битта-биттадан шляпа кийиб кўрдим..

Ўйнаб қўяй-ўйнаб қўяй, жигитни қаранглар-ай, жигитни-е, дедим.

Мен ўзимни ўзим танимадим. Мен ўзимга ўзим беш кетдим!

Қиз бурчакдан кўз олмади.

Қиз ер остидан калламга кўз қир ташлади.

Қиз бурун жийирди. Қиз пешона тириштирди.

Охир-оқибат — бир шляпа калламга чиппа ёпишди.
— Шуни нархини айт, — дедим. Қиз юзимга қайрилиб-да қарамади.
— Беш сўм! — деди.
— Ўзи тешик-тешик бўлса, яна-тағин, офтобдан сақламаса, буни нимаси беш сўм? — дедим.

Қиз жавоб бермади. Бурчак қараб тура берди.

Мен беш сўм узатдим.

Қиз бурчак қарамиш зайли пул олди. Бийқиллатиб ғаладон очди. Пулни ғаладон ташлади. Тағин ғийқиллатиб ғаладон ёпди.

Шунда, пештахтада тахлоқлик бахмалга кўзим тушди. Гулдор бахмал кўзимни ўйнатди. Олмасам-да, сўраб-суриштиргим келди.
— Бахмал қанчадан бўлди? — дедим.
— Олмасангиз нима қиласиз, — деди қиз.
— Ўйнаб қўяй, бахмалларингдан, ўинаб қўяй, оламан десам, оламан.
— Беш сўмлик шляпани кўриб юрагингиз ёрилиб кетди-ю.
— Ёрилган йўқ, қизим, ёрилган йўқ, ундай дема.
— Сўзана қиммат, эллик сўм, — деди қиз.
— Юз сўм турса-да, бер қани, бир кўрайинқани.

Қиз бахмални зарда билан олдимга ташлади. Ўзи бир бурчидан ушлаб турди.

Мен гўё олар одамдай бахмални силкиб-силкиб ёйдим.

Шунда, бахмал бурчи қиз қўлидан чиқиб кетди.

Қиз қўлини белига тиради, Қиз уччосини чиқарди. Қиз кафти билан бетига шамол этди.
— Уф-ф-ф... кўриб бўлдингизми? — деди.

Мен бир қизга қарадим, бир бахмалга қарадим, бир ёнимга қарадим.

Ёнимда пул бўлди. Аёлимиз ун оласиз, дея бермиш пул бўлди. Пул бир ҳафтадан буён ёнимда юрди.

Мен ёнимни ковладим. Ана шу пулни олдим.

Мен бармоқ тупуклаб-бармоқ тупуклаб пул санадим. Мен қиз қулоғига қуйиб-қуйиб пул санадим:
— Бир сўм, икки сўм, уч сўм... Эллик сўм! Ана, эллик сўм! Энди, шу бахмалингни берман бер!

Қиш пештахтадан пулни олди. Санаб-санаб ғаладон солди.

Қиз бахмал ўраб бошлади.
— Ўрама, шундай бер! — дедим. Қиз бахмални олдимга сурди.

Мен бахмални олиб бурчак бордим. Ер жойлашиб ўтирдим. Этикларимни бирин-кетин суғурдим.

Бахмални тирр-тирр икки бўлдим.

Бир бўлагини бу оёғим ўрадим, бир бўлагини у оёғим ўрадим.

Этикларимни тортиб-тортиб кийиб олдим. Этикларимни ер тепиб-ер тепиб кийиб олдим.

Дўконда юрмишлар ажаблана-ажаблана қараб-қараб ўтди.

Қиз... кўрдим демади! Қиз... мижжа қоқмади!

Қиз ойна қараб қош силади. Қиз ойна қараб зулф тоблади.
— Бахмал сўзана... — дея минг-минг этди.
— Далага бўла беради, — дедим. — Бизни далага бахмал сўзанаям бўла беради!

Қиз... эшитдим демади! Қиз... қулоқ қоқмади! Мен телпагимни қўлтиғимга боса-боса эшик равона бўлдим.
— Бозорим бароридан келди, — дедим. — Шляпа билан пайтава қидириб келиб эдим, икковини-да топдим!
— Гуля, — дея, ҳамкасабаси тараф юрди қиз. — Гуличка, уйдан голландский сир олиб келганман, обед қилмаймизми?

5

Остимда мотоцикл, бошимда шляпа — гармселдай-гармселдай елдим.

Шляпамни ойна солиб-ойна солиб елдим.

Ёрил-е, Деҳқонқул-е, ёрил-е, дедим.

Бир-икки чақирим елдим — шляпамни ойна солдим. Тағин бир-икки чақирим елдим — тағин шляпамни ойна солдим.

Раис бўлиб кет-е. Деҳқонқул-е, раис бўлиб кет-е, дедим.

Шунда хиёл ўйлаб қолдим. Ўзимни ер урмишдай бўлдим. Паст кетмишдай бўлдим.

Чин-да, раис ким бўпти? Шляпси бўлган билан... мотоцикли йўқ! Давлатни машинасига куни қолган.

Унда... райком бўлиб кет-е, дедим. Шунда, ўзимни ўзим билмишдай бўлдим.

Раис билан райком ўртаси бўлиб кет-е, дедим.

6-7

Уйда шляпа кийиб ойнаижаҳон кўрдим.

Ойнаижаҳонда АҚШ президенти шляпасини ер олиб қўйди.

Сиз-да, шляпангизни олинг. Деҳқонқулбой, дедим.

Мен шляпамни олиб қўйдим.

АҚШ президенти шляпасини кийди.

Шляпангизни кийинг. Деҳқонқулбой, дедим.

Мен-да шляпамни кийдим.

АҚШ президенти шляпасини мен тараф силкитди.

Мен-да шляпамни ойнаижаҳон тараф силкидим.

АҚШ президенти шляпасини бошига қўндирди. Самолётга кириб кетди.

Мен-да шляпамни бошимга қўндирдим. Болиш ёнбошладим.

Ҳуриллатиб-ҳуриллатиб чой ичдим.

Ай, шляпангизни қирқувидан-да, Деҳқонқулбой, шляпангизни қлрқувидан-да, дедим.

Аммо....бош кийим кўрдим — шляпадай беқиллиғини кўрмадим!

Калламни қашилайин дея қўл узатдим — қўлим ўз-ўзидан шляпа қирқувига тегиб кетди.

Шляпа ер тегиб-тегмай юмалаб-юмалаб жўнади. Уй бурчагига бориб тўхтади.

Мен ўрмалаб бориб шляпамни олиб келдим.

Тағин шляпа кийиб чой ичдим. Қўлим тағин шляпа қирқувига тегиб кетди.

Шляпа юмалаб-юмалаб жўнади.

Ўйнаб қўяй, сендайчикин бош кийимдан, ўйнаб қўяй, дедим.

Бош кийим бўлса — киройи телпакдай бўлса-да. Телпак вазмин-вазмин, собит-собит бош кийим.

Телпак тап этиб ер тушдими, бўлди — жойида қимир этмай тура беради. Шляпадайин юмалаб, одамни ўрмалатиб юрмайди.

Шляпам ер тушиб, бурчак юмалашини қўймади — мен ушлаб келиб, калламга қўндиришимни қўймадим.

Мен теваракка ками билан раисона-раисона, кўпи билан райкомона-райкомона қарадим.

8

Ғўзаларим қирқ кунлик бўлди.

Ғўзаларим қирқида сувсади.

Ғўзаларим сувсаганини қандай билдим?

Бир қарич ер остидан бир сиқим тупроқ олдим. Тупроқни маҳкам-маҳкам сиқимладим.

Тупроқ бир-бири билан қовушмади. Тупроқ чочилиб-чочилиб турди.

Демак— ғўзаларим сувсади.

Чиртиллатиб бир барг узиб олдим. Баргни қўш-қўллаб бир букладим.

Барг қоқ ўртасидан ўтмиш йўғон томир қирс этиб синмади.

Демак—ғўзаларим сувсади.

Мен ғўзаларимни сувладим.

9

Далаларимда ассаломалайкум билан чирмовиқ тошди.

Мен йигирма кило пентахлор-фенол билан беш юз кило сув аралаштирдим.

Бир гектар даламга йигирма килолаб сепдим.

Бўлмади — ассаломалайкум билан чирмовиққа бас келмади.

Бир дахлорпропинат дегич дори бор. Мен уни далапон дори дейман.

Саккиз кило ана шу далапон дори билан беш юз кило сув аралаштирдим.

Далаларимни уч бора далапон дориладим.

Ассаломалайкум билан чирмовиқни уйи куйди!

10

Ўйнаб қўяй, янги техникаларидан ўйнаб қўяй!

Ким қанча йилдирким, хўжалигимизда КХУ-4 дегич янги техника бор отангга бўлади, бор онангта бўлади.

Боридан йўғи яхши бўлади!

Боиси — ғўза остини ишлагич мазкур техника кети бир рамалик. У баланд шатакка тақилади. Натижада трактордан хийла кейинда туради. Шу боис, ердан рисоладагидай кўтарилмайди.

Оқибат — тўрт-беш қадам дала бош-адоқ ғўзани қирқиб-қирқиб бурилади. Оқибат — тўрт-беш қадам дала бош-адоқ оппоқ пахтани нобудлаб-нобудлаб бурилади.

Мен ё тўрт-беш қадам дала бош-адоқ ғўзамни экмаслигим лозим бўлди, ё эксам-да, тўрт-беш қадам ғўзамни ўриб-ўриб ташлашим лозим бўлди, ё... ана шу янги техникадан кечишим лозим бўлди.

Мен янги техника баҳридан ўтдим.

Чин-да, янги техпика дея аталмиш гўрсўхтани нима қиламан? Чин-да, дала бош-адоқ ғўзаларимни кунпаякун этиб нима қиламан?

Эскиси трактор бортовойига тақилади. Трактор баллонлари оралиғига тақилади. Шу боисдан-да эскисини ердан кўтариб олиш ғоят ўнғай бўлади. Эскисини буриб олиш ғоят қулай бўлади.

Эскиси битта-да ғўзамни қирқмайди. Эскиси битта-да ғўзамга зиён бермайди.

Мен ҳар йил ана шу эски техника туфайли далаларим бош-адоғидан йигирма тонна оппоқ пахтамни омон олиб қоламан.

Йигирма тонна олпоқ-оппоқ пахта!

Айтишга осон —оғиз бир четидан чиқади-кетади.

Аслида — йигирма тонна оппоқ пахта эл-юрт учун оламжаҳон-оламжаҳон наф бўлади.

Мен катталардан нордон-нордон гаплар эшитдим.

Аммо далаларимга эскисини солдим. Ғўзаларим остини ҳайдадим.

Трактор тишлари тегмайин ўтмиш ғўза уя оралари кўп-кўп қолди.

Ғўза уя оралари ана шундайин қола берса — ҳосил чўғсиз-чўғсиз бўлади.

Мен ғўза уя ораларини кетмоним билан юмшатиб-юмшатиб олдим.

Пушта тупроқни эгатлаб туширдим. Эгат тупроқни пушталаб олдим.

Оқибат — пуштада тўпланиб-тўпланиб ётмиш озиқ моддалар ғўзаларим остига тушди.

Ғўзаларим авж-авж ўсди.

11

Оғилимизни бирёғи қийшайиб қолди.

Мен қараб-қараб қўйдим. Бу йил қишни ўтказар, дея ўйладим. Аммо мен ўйламишдай бўлмади.

Қийшаймиш девор белидан ағнаб тушди.

Табиатим тирриқ бўлди.

Оғил олдилаб сим чироқ судраб бордим. Тут айрисига чироқ илдим.

Оғилхона ёп-ёруғ бўлди.

Ағнамиш деворни кетмон билан майдаладим — лойхона этдим.

Ётар вақти-ётар вақти ариқ ёқалаб бордим.

Сув бошида қулоқчи йўқ бўлди.

Пахтага бормиш сувдан ўғирлаб келдим.

Сув мен билан баравар лойхоналаб келди.

Чолворимни тиззалаб липпа урдим. Кафтларимни тупуклаб ҳўлладим. Кетмон олиб лой кирдим.

Девор кесакларни тепиб-тепиб лой этдим. Кетмон билан уриб-уриб лой этдим. Тепкилаб-тепкилаб пишитдим. Устидан сув сепдим.

Саҳарда вақтлироқ туриб девор ураман, дея ниятландим.

Аммо саҳарда ухлаб қолдим.

Эснаб-эснаб лойхона келдим. Лой қарадим-лой қарадим — нима қилишимни билмадим. Девор урайин дедим — дала қолиб кетар бўлди, дала борайин дедим — лой қотиб қолар бўлди.

Ўйладим-ўйладим — тағин ариқ ёқалаб сув боши бордим.

Бу сафар қулоқчи бўлди.

Ундай дедим, бундай дедим — қулоқчи кўнмади.
— Йўқ, беролмайман, сув пахтага бораяпти, — деди.

Ёпишиб олдим, куйиниб олдим.
— Молхонамизни ярми йўқ! — дедим.
— Йўқ бўлса нима қилайин? Мол зарилми, пахта зарилми?
— Пахта зарил!
— Отангизга балли, пахтани олдида мол нима деган гап!

Нима дейишимни билмадим. Келгич изимдан қайтиб келабердим.

Уйдан катта бидон олиб келдим.

Бидон билан елкамда сув ташидим. Беш-олти марта қатнадим.

Лой сувладим. Лой юзи килкиллаб-килкиллаб қолди.

Мотоциклимни миниб дала йўл олдим.

Кун бўйи лойдан алағда бўлдим.

Кун ботиши билан аёлимизга жавоб бердим.
— Бор-да, лойга сув сепиб тур, қотиб қолмасин, — дедим.

Оқшом тунар-оқшом тунарда уйимизлаб келдим. Тут айрисида чироқ ёниб-ёниб турди. Лозимини тиззалаб-тиззалаб туриб-туриб олмиш аёлимиз... лой тепди.

Аёлимиз сочлари лой тегмасин учун соч турмаклаб-соч турмаклаб лой тепди. Аёлимиз рўмоли билан бел бойлаб-бел боилаб лой тепди. Аёлимиз кўйлак этаклари лой ботмасин учун қўшқўллаб этак кўтариб-қўшқўллаб этак кўтариб лой тепди.

Аёлимиз ҳарсиллади!

Аёлимиз лойдан илла-илла оёқ кўтариб олди.
— Бекор лой кирибсан-да, —дедим. —Мен сенга сув сепиб тур, деб эдим-ку?
— Сув сепдим, қотиб қопти.
— Болаларни лой солсанг бўларди.
— Болалар зарра бошидан қорасон бўлсинми энди.

Болалар майда-майда сатилларда сув ташиди.
— Бўлди, лойдан чиқ, — дедим. — Бор, мол-ҳолингга қара, қозон-тобоғингга қара.

Аёлимиз лойдан чиқаман деди — чиқолмади, чиқаман деди — чиқолмади. Оёғини лойдан тортиб ололмади!

Мен аёлимизни қўлтиқларидан олиб, лойдан чиқариб қўйдим.

Болалар ҳиринг-ҳиринг кулди.

Мен кетмон билан қўзғаб-қўзғаб лой тепдим. Мен сувлаб-сувлаб лой тепдим.

Лой пишиди. Лой тобга келди.

Мен оғилхона деворини миниб аёлимизни чақирдим.

Аёлимиз қозонини онамизга қолдириб келди.

Лой уриш осон, лой олиб бериш қийин.

Аммо аёл зоти девор уролмайди-да.

Шу боис — аёлимиз лой олиб берди, мен девор урдим.

Аёлимиз белдаста суяна дам олиб-белдаста суяна дам олиб лой олиб берди.

Аёлимиз лой соб бўлгуничайин лой олиб берди.

12

Ётар вақти аёлимиз ўнг оёғи бошмалдоғини ушлаб-ушлаб вой-войлади.

Аёлимиз бошмалдоғини онамизга тутди. Онамиз ёруққа солиб қаради.
— Эб-э-й! — деди. — Тирноқ кўчибди, бошмалдоғингни тирноғи кўчибди. Тирноғингни олиб юрсанг ўласанми, қирилиб кетгур!
— Тирноққа қарайдиган вақтми, — деди аёлимиз. Мен ишонмайин қарадим.

Чин, тирноқ четлар қонталаш-қонталаш бўлибди. Чин, тирноқ учлар кўтарилиб-кўтарилиб турибди.
— Деҳқонқул, бор, қайчини олиб кел, — деди онамиз.

Мен қайчини олиб келдим.

Онамиз кўчган тирноқни қирт-қиртиллатиб олиб ташлади.

Аёлимиз инграб юборди
— У-у-уҳ!.. —деди.

Онамиз қайчини аёлимизга узатди.
— Ма, тирноқларингни ол, — деди. Аёлимиз қайчини қўли билан қайирди.
— Дардим тирноқми, — деди. — Ўзи, уйқум келиб, ўлиб бораяпман.
— Кел, унда ўзим олиб қўяйин.

Онамиз аёлимиз оёқларини тиззасига олди. Тирноқларига қайчи солди.

Аёлимизни оёқлари... турли-туман бўлди!

Бебилчагидан юқориси осма қовундайин тўр-тўр қора бўлди.

Калишдан ташқари юргич жойи ана шундай тўрлама-тўрлама бўлди.

Бебилчагидан пасти қуйруқдайин оппоқ-оппоқ бўлди.

Калиш ичида юргич жойи ана шундай қуйруқ-қуйруқ бўлди.

Аёлимиз товонлари... қоп-қора бўлди!

Аёлимиз товонлари... тилим-тилим ёриқ бўлди! Қақроқ ердай-қақроқ ердай тарам-тарам ёриқ бўлди!

Субҳи содиққачайин зим-зиё уйимизни оҳ олди.
— О-о-оҳ, оёғим!.. — дея уйқусиради аёлимиз. — О-о-оҳ, оёққинам-а!.. — дея оҳ урди аёлимиз.

13

Тағин далаларимни бегона ўт босди.

Қадамимда семизўт ёйилиб ётди.

Семизўт ўз оти ўзи билан йўғон-йўғон ўт бўлди. Бармоқдай танаси тўла сув ўт бўлди.

Семизўт ерда бор бўлмиш намни сўриб-сўриб олди. Семизўт ерда бор бўлмиш гумусни шимиб-шимиб олди.

Ғумайларни таг-томири билан қўпориб тўдаладим. Жарариққа олиб бориб кўмиб ташладим.

Филқулоқ баргли итқулоқ юлдим.

Икки-уч баргли шалпангқулоқ юлдим.

Шўраўт тортқилай бериб қўлларим сасиб-сасиб қолди. Шўраўт тортқилай бериб димоғларим аксириб-аксириб қолди.

Бир хушрўй баргли ўт билан рўпарў бўлдим.

Ўт бир барги нопармон бўлди, ўт бир барги қип-қизил бўлди. Ўт учида попуги-да бўлди. Попугида ғуж-ғуж доналари-да бўлди.

Бегона ўт кўзимни олди. Бегона ўт кўнглимни олди. Бегона ўт завқ-шавқимни олди.

Ёввойи тожихўроз ана шундай ўт бўлди!

Тожихўроз дони шамолда учса — беш минггачайин болалайди. Тожихўроз дони сувда оқса — беш юз минггачайин болалайди.

Эркак қамиш ичида оппоқ похолдайин пўпаги бўлади. Шу пўпагидан ичи мўрт бўлади. Бир қайириб синдирса бўлади.

Урғочи қамиш юлиш ит азоб бўлди! Урғочи қамишни тортдим — юлинмади. Урғочи қамишни қайирдим — синмади.

Шу чайирлиги учун-да урғочи қамишдан бўйра қиладилар!

Урғочи қамиш барги кафтларимни тилди. Урғочи қамиш барги бармоқларимни тилди. Мисоли олмос билан кесмишдай тилди!

Тиликларимдан қип-қизил қон кўпирди,

Мен тиликларимни лабларим билан сўрдим. Мен тиликларимни тупугим билан намладим. Мен тиликларимни қуруқ тупроқ босиб дориладим.

Қоним қолди. Аммо тиликларим ачишиб-ачишиб оғрий берди.

Мен қоп-қора нўхат ҳосилли итузум юлдим.

Мен ҳандалак ҳидли зарпечак юлдим.

Қирқбўғин ғўзаларимни ёпиб-ёпиб ўсди. Қирқбўғин ғўзаларимни ўраб-ўраб ўсди. Қирқбўғин ғўзаларимни бўғиб-бўғиб ўсди.

Далаларимда кўк чирмовиқ-да сероб бўлди, сариқ чирмовиқ-да сероб бўлди.

Чирмовиқлар ғўзаларим танини ўраб-ўраб олди. Чирмовиқлар ғўзаларим жонини сиқиб-сиқиб олди.

Мен қирқбўғинларни чангаллаб-чангаллаб юлиб ташладим.

Мен чирмовиқларни тирноқлаб-тирноқлаб юлиб ташладим.

14

Ётардан олдин қўлларимни олқиндилаб-олқиндилаб ювдим.

Кафтларимни қайроқтош билан қирдим. Бармоқларимни қайроқтош билан ишқаладим.

Кафтларим ави-бужи кир бўлиб қолди. Бармоқларим чизиқ-чизиқ қора бўлиб қолди.

15

Идоралаб бориб эдим, раисимиз остонада олдимни олди. Ичкаридан қоғоз ўроғлиқ бир нима олиб келди.
— Манавини бизникига олиб бориб беринг, Деҳқонқул ака, — деди.
— Бу нима? — дедим.
— Қўй гўшт. Аёлга айтинг, катталарбоп овқат қилсин. Юқоридан одам бор. Тағин, бера солиб қочманг, гўштни майдалаб беринг.
— Майлис нима бўлади, раис бова?
— Ўша ўзингиз билган майлис-да, боринг.
— Тағин қайтиб келайинми?
— Келиб юрманг, аёлга қарашинг, боринг. Мотоциклимни раисимиз дарвозаси олдида тўхтатдим.

Ўзимизни уйга кирмадим — болалар қўлимдагн гўштни кўрса томоғи тушади, дея ўйладим.

Раисимиз аёлига гўштни бердим. Бор гапни айтдим.
— Нима кўп, ёмон қовунни уруғи кўп, нима кўп, катта кўп... — дея минғиллади раисимиз аёли.
— Ундай деманг-е, ҳамсоя, — дедим.
— Нимага демайман, дейман! Умрим катталарга қозон қайнатиб ўтди! Яна-тағин, қирилгурлар ундай-бундай таомни емайди! Бола-бақрага бошқа қозон, катталарга бошқа қозон қайнатаман. Билмайман, катталар осмондан тушганми!
— Ҳа энди, катта бўлгандан кейин, нозиктаъб бўлади-да.
— Ҳа, куйдирги чиқсин, нозик таъбига, куйдиргигина чиқсин! Яна-тағин, майлис пойлаб қозон қайнатаман. Майлиси ўлгур бўлса, ярим кечаси тамом бўлади!

Мен раиси сўрида жойлашиб ўтирдим. Пичоқни қайроқтош чархлаб олдим. Гўшт майдалаб бошладим.

Мен ойнаижаҳон қараб-қараб гўшт майдаладим.

Ойнаижаҳон бор — раисимизда бор-да! Раисбоп ойнаижаҳон! Рангли-рангли ойнаижаҳон! Қизилини қизил, кўкини кўк кўрсатгич ойнаижаҳон!

Масковдан гўзаллар мусобақаси бўлдими ё гўзаллар намойиши бўлдими, ишқилиб — ажаб бир синоат бўлди.

Ўнг ёқдан бир гўзал келди, чап ёқдан бир гўзал келди — ойнажаҳон гўзалга тўлди!

Сарвқад гўзаллар, чиккабел гўзаллар, садафтиш гўзаллар бўлди!

Гўзаллар керила-керила қадамлади. Гўзаллар ирғала-ирғала қадамлади. Гўзаллар соллана-соллана қадамлади. Гўзаллар нозлана-нозлана қадамлади.

Ай, бир қизлар бўлди, ай, бир қизлар бўлди! Пахтадай оппоқ қизлар бўлди. Қош-киприги қоп-қора қизлар бўлди. Лаблари пахта гулидай қип-қизил қизлар бўлди. Айби... яланғоч қизлар бўлди!

Мен маҳлиё бўлиб ўтирдим-ўтирдим... ўз-ўзимдан уялдим. Юзларим қизиди. Йўқ, ловв-ловв ёнди. Кўзларим пир-пир этди.

Мен ойнаижаҳондан кўзларимни олдим. Бошимни қирт-қирт қашидим. Раисимизни аёли қараётган бўлса-я, дея кўз қирим билан ошхона тараф қарадим.

Раисимизни аёли қозони билан ҳаманкара бўлди. Дуюм-дуюм ойнаижаҳон-да қараб-қараб қўйди.

Раисимизни аёли мана мундай демишдай бўлди:

«Мунча кўзингни лўқ этиб қарайсан? Нима, умрингда яланғоч аёл кўрганинг йўқми?»

Юзларим ҳаминқадар лов-ловуллади..

Бошимни тағин-да қуйи эгдим. Дастурхон эгдим, Дастурхон букдим.

Мен мана мундай демиш бўлдим:

«Мен яланғоч аёлларга қараётганим йўқ. Мана, дастурхон қараб ўтирибман».

Эси дардим эса... гўзалларда бўлди! Кўз остимдан қараб-қараб олдим...

Турк гўзали босайинми-босмайинми, дея одимлади. Оқтерак бел-оқтерак бел оппоқ сонларини ирғаб-ирғаб одимлади...

Мен ич-ичимдан мириқдим. Мен қилт-қилт ютиндим...

Тағин ошхона тараф кўз қиримни ташладим

Раисимизни аёли қозондан юзини олди. Ойнаижаҳон қаради. Бир кўзи қозонда бўлди, бир кўзи ойнаижаҳонда бўлди.

Раисимизни аёли мана шундай демишдай бўлди!

«Эркак бўлмай ўл-а. Яланғоч аёлга қарамай кўзинг ўйилсин-а».

Мен бир-икки йўталиб-йўталиб олдим. Бошим узра шиғил-шиғил пишиб ётмиш ҳусайни узумларга бош кўтариб қарадим.

Бет-бошим узумларда бўлди, кўз қирим гўзалларда бўлди.
— Манави ҳусайни-я, ҳамсоя? — дедим.
— Ҳусайни, нима эди?
— Мен жовузмикин, дебман... Мен мана мундай демиш бўлдим:

«Мен яланғоч аёлларга қараётганим йўқ. Мана, ҳусайни узумларга қараб ўтирибман».

Аслида... бет-бошим узумларда бўлди, кўз қирим гўзалларда бўлди.

Баданларим ваража-ваража этди.

Оғзимдан сувим оқди.

16

Катталар бир маҳалда келди.

Қўлювгичда қўл чайди. Бирин-кетин ичкарилади.

Мен остонадан егуликлар узатиб турдим.

Раисимиз қўшқўллаб олиб дастурхон қўйиб турди.

Мен остонада турдим
— Энди нима қилайин, раис бова? — дедим. Раисимиз эшик балдоғидан ушлади.
— Бўпти, энди қайта қолинг, —деди. —Эрта дала боргич одамсиз.
— Эса-чи, — дедим. — Дала бормай, қаер бораман.

Раисимиз эшикни ичидан ёпди.

17

Мотоциклимни ошхонамиз девори суядим.

Оҳиста-оҳиста ичкариладим.

Тимирскиланиб тўшак толдим. Уст-бошимни ён-бош қўйдим. Оёқларимни узатиб керишдим. Кўзларимни юмиб-юмиб ётдим.

Аммо уйқум келмади. Бояги гўзаллар кўз олдимдан кетмади...

Аёлимиз тараф оҳиста қўл узатдим. Тўшак силадим. Тўшак бош-адоғини пайпасладим.

Аёлимиз жойида бўлмади.

Аёлимизда болаларни нарёғига ўтиб ётиб олиш одати бор эди. Ё, шундай этдимикин, дедим.
— Ай... —дедим оҳиста. Овоз бўлмади.

Мен оҳиста турдим. Кафтларимни гилам тираб тўрт оёқ бўлдим. Болаларни боши тарафдан ўрмалаб бордим. Юзимни болалар юзига тутиб қарадим. Бирин-бирин қарадим.

Аёлимиз бўлмади.

Тўшакни энг чеккасини — аёлимиз мендан безор бўлиб бориб ётиб олгич чеккасини қарадим.

Аёлимиз у ерда-да бўлмади.
— Ай, қаердасан? — дедим.

Шунда, чиндан-да аёлимиз уйда йўқлигини билдим.

Оёғимда тик турдим. Серрайиб қолдим. Бир-бир босиб даҳлиз чиқдим. Ундан меҳмонхона ўтдим. Чироқни ёқдим.

Аёлимиз меҳмонхона тўрида ётди.

Ўртада дастурхон ёйиқлик бўлди. Дастурхонда бир корсон таом бўлди. Таом усти нон билан ёпиғлик бўлди.

Чироқ ёниши билан аёлимиз болишдан бош олди.

Тирсак суяниб ўтирди. Кафтини пешонасилаб соябон этди.
— Қаёқда юрибди?.. — дея мииғиллади.
— Юқоридан катталар келди, — дедим. — Катталар билан ўтириб қолдим.
— Унда, қорни тўқдир-да?
— Кўча-кўйда қачон қорин тўйиб эди-да, энди тўяди. Болаларни овлоқ қолдириб, сен буёқда нима қилиб ётибсан?
— Бу кишини хўрагини қўриб ётиб-ётиб, ухлаб қолибман. Ана, анави хўрагини есин.

Аёлимиз шундай дея, тағин ёстиққа бош ташлади.

Мен кўрпача жойлашиб ўтирдим. Қошиқ билан таом қўзғадим.

Таомда тағин гўшт йўқ бўлди!

Мен аёлимизга бир заҳримни сочайин, дедим-дедим — тағин индамадим. Чин-да, гўшт бўлмаса аёлимизда нима айб?

Мен таомга нон тўғрадим. Корсон нон билан тўлди. Гўшт ўрнини нон босди.

Кўнглим тортиб-тортмай кавшандим. Теварак аланглаб-аланглаб кавшандим.

Узала ётмиш аёлимизга тикилдим.

Аёлимиз пиш-пиш ухлади. Аёлимиз ҳур-ҳур ухлади. Аёлимиз ўнг қўлини белидан бошига олиб қўйиб ухлади.

Шунда, аёлимиз ўнг қўлтиғи остига кўзим тушди.

Оғзимдаги оғзимда қолди, бўғзимдаги бўғзимда қолди. Бир нафас кавшанмай қолдим. Аёлимиз қўлтиғига тикилиб қолдим.

18

Мен болиш ёнбошладим.

Болишимни аёлимиз болишига қўшдим.

Қўлимни аёлимиз бўйни остидан оширдим. Бошини билагимға олдим. Пешонамни пешонасига теккиздим. Кўзларимни юмиб ётдим.

Шунда... аёлимиз сочларидан... аёлимиз сочларидан... бутифос... бутифос ҳиди келди!

Кўзларим ялт этиб очилди.

«Ё, пирим-е, ҳали далага бутифос сепмадик, бутифос ҳиди қаердан бино бўлди? — дея ўйлай-ўйлай топдим. — Аёлимиз Жарариқдан молга ўт олиб келади. Ўтни бошида кўтариб келади. Бу ҳид ўтган йили сепилиб, ҳалиям ўтларда ётмиш бутифос ҳиди бўлди».

Мен кўзларимни чирт юмдим. Мен бутифос ҳидини билиб-билмасликка олдим. Мен бутифос ҳидини кўриб-кўрмасликка олдим.

Аёлимиз елкаларини силаб-сийпадим.

Аёлимиз силаб-сийповларимни ўзича ўйлади... Аёлимиз силаб-сийповларимни ўзича йўйди...
— Сидирға ётсин, — деди. — Сув совуқ...

Қўлимни елкасидан олиб ташлади.

Кўнглим увишди. Кўнглим эзилди. Кўнглим ўйилди!

Мен болишимни аёлимиз болишидан холисроқ олдим.

«Энди... бу зот-да... аёл-да? — дея кўнглим куйди. — Аёлдир-да, ана, ноз этаяпти-ку? Аёлдир-да, ана, нозланаяпти-ку?»

Мен юзларимни болиш босдим.

«Ким бўлса-да... болаларимни онаси, — дея кўнглим ийди. — Ким бўлса-да... пушти камаримдаи бўлмиш болагиналаримни онагинаси», — дея кўнглим ийди.

Шунда, яғринларим аёлимиз тафти нафасини туйди.
— Ў-ўй? — деди аёлимиз. — Ў-ўй?.. Аёлимиз қапишиб-қапишиб келди. Мен ўзимни ухламиш олдим.
— Бирдай шундай этади, — дея ёрилди аёлимиз. — Дардимнн айтайин дейман, чаппа бурилиб ётиб олади...
— Нима дардинг бор, айта бер.
— Ў-ўй, аёллар Хўжаи Обигармга томошага бораяпти экан.
— Ҳа-а.
— Бари эркаги билан бораяпти экан.
— Ҳа-а.
— Хўжанов муаллим аёли билан бош бўляпти экан.
— Ҳа-а.
— Бир ҳафта ётиб келар экан.
— Бир ҳафта? Пахта нима бўлади?

Аёлимиз айтиб-айтиб йиғлади:
— Шундай дейишини билиб эдим. Мен бечора ишни остида чириб кетаман...
— Энди, сен ўзингни Хўжановни аёлига тенг этма-да. Хўжанов муаллим, аёли магазин мудир. Уларда бирёғи пул катта, бирёғи дам олиш куни деган гаплари бор. Сен билан бизда нима бор? На пул бор, на дам олиш кун бор, ўз отимиз ўзимиз билан колхозмиз.
— Мен бечора ишни остида ўлаб кетаман...

19

Чилла ловуллади!

Кун бук бўлди.

Кун дим бўлди.

Қилт этмиш шабада эсмади.

Ғўзабоп-ғўзабоп ҳаво бўлди.

20

Дала юзасида кўз билан кўриб бўлмас зах бўлади.

Дала юзасида қўл билан ушлаб бўлмас нам бўлади.

Ана шу зах ғўзани ушлаб-ушлаб туради.

Ана шу нам ғўзани тортиб-тортиб туради.

21

Чилла ана шу юза захни ер остилатиб-ер остилатиб чўктирди.

Чилла ана шу юза намни ер остилатиб-ер остилатиб эндирди.

Чилла ер ғўза остидан кўтарди.

Чилла қуёш ғўза учидан тортди.

Ғўза гур-гур ўсди.

22

Ер ҳансиради.

Ғўзаларим барги оч-оч яшил туслана берди.

Ғўзаларим барги қўнғир-қўнғир доғ бўла берди.

Ғўзаларим барги буришиб-буришиб қола берди.

Ғўзаларим очқади!

Мен рўзаларимга босиб-босиб азот бердим.

Мен ғўзаларимга босиб-босиб фосфор бердим.

Мен ғўзаларимга боеиб-босиб калий бердим.

23

Кун ғўзаларим учида илашиб-илашиб қолди.

Мен омборхонадан бир орқа дорихалта орқалаб келдим.

Дорихалталарни варр-парр йиртдим. Бўлак-бўлак этдим. Кафтдай-кафтдай этдим.

Ўқариқ билан эгат қулоққа дориқоғоз қўйдим. Шаршарасимон-шаршарасимон этиб қўйдим. Қулоққа босиб-босиб қўйдим.

Бош-адоқ ўқариқни ана шу мақомда дориқоғозладим.

Миробдан сув ҳайдаб келдим.

Сув ўқариқлаб-ўқариқлаб оқди.

Малла чумчуқ сув пишиниб-сув пишиниб ўйнади. Қулранг чумчуқ қанот тараб-қанот тараб ўйнади.

Кун сўлиди-сўлиди—оқ билан қорани фарқлаб бўлмайин қолди.

Мен бир қўйин дориқоғоз олиб олдим.

Фонус ёқиб ўқариқ ёқаладим.

Ўқариқ оҳиста-оҳиста тўлди.

Сув дориқоғоз шаршаралаб келди. Сув дориқоғоз шаршарадан тошди. Сув ширр-ширр эгат тушди.

Мен ўқариқ ёқалаб қадамладим. Дориқоғозларга фонус тутиб-фонус тутиб қадамладам.

Дориқоғоз тушиб кетмиш қулоқлар бўлди.

Мен эгатда тушиб ётмиш дориқоғозни олиб қулоққа қўйдим. Қулоқ теварагини лойлаб-лойлаб шиббаладим.

Дориқоғоз оқиб кетмиш қулоқлар-да бўлди.

Мен бундайин қулоқларга қўйнимдан бошқа дориқоғоз олиб қўйдим.

Дориқоғоз қийшайиб-қийшайиб қолмиш қулоқлар бўлди.

Мен ана шу дориқоғозларни созлаб-созлаб қадамладим.

Чилла тунлар оппоқ юзли-оппоқ юзли бўлди.

Чилла юлдузлар болалади.

Чипирткалар чирр-чирр этди.

Фонусимни турли-туман ҳашаротлар ўраб-ўраб айланди. Фонусимни ҳашаротлар гир-гир айланди. Фонусимни ҳашаротлар чирт-чирт чертиб айланди.

Ҳашаротлар бирин-кетин ўлиб-ўлиб айланди!

Ўқариқда сув уриб кетмиш жойлар бўлди.

Мен сув уриб кетмиш жойларни қўлим билан битаб-битаб қадамладим.

Ўқариқ бир жойини ёмон-ёмон сув урди. Сув эгатлар оша шилдир-шилдир тошди. Сув эгатлар оша варақ-варақ тошди.

Мен билакларимни турдим. Сув уриб кетмиш ёриққа қўл тиқдим. Ёриққа кесак тиқдим. Ёриқни нуқилаб-нуқилаб муштладим.

Сув ҳамон булоқ бўлиб тоша берди.

Мен ўқариқ остидан лой олиб тиқайин, дея қўл узатдим. Бир чангал лой тортиб ола-ола — кўксим билан сувга тушиб кетдим.

Мен шилта бўлмиш уст-бошимни ташладим. Иштончан бўлдим. Яланг оёқ бўлдим.

Мен иштончан бўлиб сув битадим. Мен ялангоёқ бўлиб сув битадим.

Бир кўнглим иштончан бўлиб сув тарай берайин, дедим. Яна-тағин, пашшадан қўрқдим.

Шилтадан-шилта уст-бошимни сиқиб-сиқиб кийиб олдим.

Мен ўқариқ бош-адоқлаб бориб кела бердим.

Ғўзаларим жилдир-жилдир сув ичди.

Ғўзаларим мириқиб-мириқиб сув ича берди. Ғўзаларим тиниқиб-тиниқиб сув ича берди. Ғўзаларим қониб-қониб сув ича берди.

Чилла сув — тилла сув бўлди!

Тун қайтди. Ой оғди.

Оёқ-қўлим бўшашиб-бўшашиб қолди. Кўзларим кетиб-кетиб қолди.

Ўқариқ бошида оёқ илдим. Фонусимни қабатимлатиб қўйдим.

Ўқариқ бўйида майдароқ калладай бир кесак бўлди.

Мен ана шу кесакка ёнбошладим. Ёнбошдан чалқанча ётдим.

Кесак бошимга ботиб-ботиб ётдим.

Осмон кўриб-осмон кўриб ётдим.

Чилла юлдузлар сўлғин-сўлғин бўлди.

Кўзим илинди.

24

Момиқ-момиқ оқлиқдан кўзларимни очдим.

Тонг тўркади.

Дунё таги оқариб-оқариб кела берди.

25

Ғўзаларим шонага ўтирди.

Ғўзаларим битта-биттадан шоналади. Азоншомда бир шона тугди.

Намозшомда бир шона тугди.

Шунда, оқтупроқ далам сувсади.

Оқтупроқ ғўзаларим салқинда тирилди, офтобда сўлиди.

Ич-ичимдан қиринди ўтди. Дардим ичимда бўлди. Тишим тишимда бўлди. Шона вақти дала сувсаса ёмон — ҳаминқадар ёмон!

Сув таралса — ғўза гуриллаб-гуриллаб ўсади. Ғўза ғовлаб-ғовлаб ўсади.

Сув тараб бўлмайди — шонага ўтирмиш ғўза шоналамай қўяди. Ғўза шонадан қолади.

Мен энди сув тараш тугул дала ораламадим.

Ғўзага ўнгир тегса бўлди — энди таг олмиш шона лип этиб учиб тушади. Ғўза бир силкинса бўлди — энди уч бермиш шона жалб этиб учиб тушади.

Бир туп ғўзадан иккита шона тўкилса — бир гектар даладан икки юз кило ҳосил камаяди!

26

Мен далаларимни айланиб-айланиб қарадим. Мен шоналарини кўзим билан санаб-санаб қарадим.

Ғўзаларим етти-саккизтадан шона тугди.

Ана шунда далаларимга бир сув жилдириб-бир сув жилдириб олдим.

Шона вақти ботин сувлаб бўлмайди — шонага зиён беради.

27

Ғўзаларим шиғил-шиғил шоналади.

Ана шунда ғўзаларим азотга ерик бўлди! Ғўзаларим азотхўр бўлди!

Мен бир гектар ғўзамга йигирма беш килодан азот бердим.

Ғўзаларим тағин-да юз очди. Ғўзаларим тағин-да ранг олди.

28

Ғўзаларим ўттиз-қирқтадан шоналади. Мен тағин бир сув жилдириб олдим.

29

Ғўзаларим саксон-тўқсонтадан шоналади...

Қани эди — шу шоналар гул бўлиб кўсак тугса эди! Қани эди — шу кўсаклар пахта бўлиб очилса эди!

Афсус, ғўза билониҳоя шонани қучай олмайди, афсус!

Шоналар ўз-ўзидан қуриб-қовжиради. Шоналар ўз-ўзидан тўкилиб-чочилди.

Бир туп ғўзада ўттиз-қирқтадан шона қолди.

30

Мен энди ғўзаларимни сувдан омонладим — кўп сув шона тўкади.

Мен энди ғўзаларим умрини чилладан тиладим — ўткир жазирама шона тўкади.

31-32

Ғўзаларим гуногун-гуногун гуллади.

Ғўзаларим ост-остидан гулга кирди.

Илк ҳосилшох айрилиш бўғинидан илк гулини очди.

Мен ғўзаларимга бир сув ичириб олдим.

Иккинчи қават ҳосилшох айрилиш бўғинидан гуллади.

Мен ғўзаларимга икки сув ичириб олдим.

Учинчи қават ҳосилшох гул берди.

Мен учинчи бор сув ичирдим.

Ғўзаларим гуллай берди-гуллай берди — мен сув ичнриб гул салом эта бердим-сув ичириб гул салом эта бердим!

33

Ғўзаларим қирмиз-қирмиз гуллади.

Қирмиз-қирмиз гулларимга капалак дориди.

Капалак қорамтир-сариқ бўлди. Узун-узун қанот бўлди. Қанотлари учида ёйма тўқ тасма бўлди. Қанотлари ўртасида иккита қўнғир доғ бўлди. Бир доғ буйраксимон бўлди, бир доғ ойсимон бўлди.

Капалак кундуз кунда бир жойда биқиниб ётди.

Капалак қора тунда бўйдор-бўйдор ғўзалар аро учди. Гулларга мояк қўйиб-қўйиб учди.

Капалак мояги гумбазсимон бўлди. Йигирма олти-йигирма саккиз қобирғали бўлди. Сарғиш-оқ рангли бўлди.

Мояк уч-тўрт кунда очди. Ичидан чорак энлик қурт ёриб чиқди. Қурт қорамтир-яшил бўлди. Қурт устлари ҳамда ёнларида қўнғир-қўнғир йўллари бўлди. Йўллар тўлқинсимон-тўлқинсимон бўлди. Йўлларда сийрак туклар бўлди, тўқранг холлар бўлди.

Кўсакқурт ана шу бўлди!

Кўсакқурт олдин уст куртакларни кемирди. Уст гулларни кемирди.

Кўсакқурт тўлишди-тўлишди — ғўза ост шохларига эниб тушди. Ҳосилдор гуллар ичига кириб олди.

Кўсакқурт гул ич-ичидан қуригуничайин гул еди.

Кўсакқурт гул чириб-чириб тўкилгунчайин гул еди.

Кўсакқурт тишлари ўтмасланиб қолгунчайин гул еди.

Индамайин— капалак қирқ кун умр суради. Қирқ кунда уч-тўрт минггачайин мояк қўяди.

Индамайин — кўсакқурт йигирма дона ҳосилгул ейди.

Йигирма дона ҳосилгул демак — ўн икки-ўн беш фоиз пахтам кўсакқуртда кетди, демакдир.

34-35

Мен бир гектар ғўзамни ўн беш кило калций арсенат билан чангладим.

Беш кундан кейин эфирсулфонатли хлорофос билан пуркадим.

Ғўзаларим сариқ-сариқ гуллади.

Гулён баргларда мояксимон-мояксимон ўргимчаккана инлади. Гулён баргларда бўғиноёқ-бўғиноёқ ўргимчаккана маконлади.

Ўргимчаккана барглар кетини ингичка-ингичка ўргимчакип билан ўраб-ўраб олди. Ўргимчаккана барглар кетини кулранг-кулранг ўргимчакип билан қоплаб-қоплаб олди.

Ўргимчаккана гулён барг ялади! Барг ялаб-барг ялаб кета берди!

Оқибат—барглар илма-тешик бўлди. Барглар усти хол-хол қизил бўлди. Бора-бора қора-қора тус олди. Охири қовжираб-қовжираб тўкилди.

Мен барини кўриб-билиб турдим. Аммо не иложим бўлди?

Ўргимчаккана бино бўлгуничайин дала дорилаб бўлмайди. Ўргимчаккана бино бўлгач-да дала дорилаб бўлмайди.

Ўргимчаккана жами барг беш фоизини еганидан кейин дала дориланади. Ана шунда дори самарали бўлади.

Ўргимчаккана билан бир вақтда... қандала бино бўлди. Қўнғиз бино бўлди. Олтинкўз бино бўлди.

Қандала... ўргимчаккана териб еди. Қўнғиз... ўргимчаккана босиб еди. Олтинкўз... ўргимчаккана билан тирикчилик этди.

Мен ўргимчаккана қачон беш фоиз барг еб бўлади, дея куним ўтди — қандала билан олтинкўз ўргимчаккана териб еб куни ўтди.

Бу дунё тескари дунё, демишлари чин бўлди.

36

Ниҳоят — далаларимга эфирсулфонатли хлорофос сепдим.

37

Ғўзаларим оқ-оқ гуллади. Оқ гул ёмон, оқ гул ёмон! Танасида сув камчил ғўза оқ гуллайди. Тагида ўғит тахчил ғўза оқ гуллайди. Дардчил-дардчил ғўза оқ гуллайди. Оқ гул кўсак тугмайди. Тугса-да — майда-майда кўсак тугади.

38

Бечиринди гўнг—бесамар гўнг. Бечиринди гўнг — беоқибат гўнг.

Бечиринди гўнг бегона ўт уйи бўлади. Бечиринди гўнг турли-туман дард ини бўлади.

Мен фермадан бермиш бечиринди гўнгни олмадим.

Кўча-кўйдан бўлса-да, чиринди гўнг топиб келдим.

Пилла қўювчилар уйидан ипакғумбак олиб келдим.

Товуқ фермадан паррандатезак олиб келдим.

Барини ўқариқ боши ҳовуз солдим. Устидан сув тўлдирдим.

Ҳовузни кураклаб-кураклаб ковладим. Азонда бир ковладим. Тушда бир ковладим. Шомда бир ковладим.

Икки кун ана шундай ҳовуз ковладим.

Учинчи кун ҳовуз бошидан бир ариқ олдим, ҳовуз адоғидан бир ариқ олдим.

Ҳовузбоши ариқдан сув ҳайдаб келдим.

Ҳовуз сув билан лаболаб-лаболаб тўлди.

Сув ҳовузда шарбат бўлиб адоқ ариқлади.

Сув ариқда шарбат бўлиб ўқариқлади.

Сув ўқариқда шарбат бўлиб далалади.

Далаларимда шира-шарбат сув оқди.

Шира-шарбат сув ғўзаларимни гул ташлашдан омон-омонлади.

Шарбат сув — шакар сув бўлди!

39

Кўсакларим бўзболадай-бўзболадай тўлиша берди.

Мен бот-бот сув қўя бердим.

Сув канда бўлса — кўсак ўз кунидан олдин очилади.

Сув ариса — ҳосил тош беғоз бўлади. Ҳосил бефазилат бўлади.

Чала бино бўлмиш чақалоқ қандай бўлади? Кўсак-да шундай-да!

40

Ғўзаларимга кўсакқурт тушди.

Кўсакқурт содда-муғамбир бўлади!

Кўсакқурт кундуз кун нам тупроқ орасини макон этади. Ғўзатана остини макон этади. Шонабарг орасини макон этади.

Кўсакқурт кушандаси чумчуқ бўлади!

Чумчуқ тунда учмайди. Чумчуқ тунда толшохда ухлайди.

Чумчуқ кундузда учади. Чумчуқ кундузда кўсак-қурт териб ейди.

Кўсакқурт ана шуни билади!

Шу боис, кўсакқурт маконидан тунда ташқарилайди.

Кўсакқурт болдан-бол таом бўлса-да, қайрилиб боқмайди. Фақат кўсак излаб ўрмалайди. Фақат кўсак топиб ўрмалайди.

Кўсакқурт кўсак тешади. Кўсакқурт кўсак ғовак этади.

Кўсакқурт ана шу ғовакдан ичкари кириб олади. Ичкарида сув-сув чигит кемиради. Ичкарида мулойим-мулойим чигит кемиради.

Бир кўсакқурт йигирмата кўсак нобудлайди. Йигирмата кўсак ўн икки-ўн беш фоиз ҳосил, демакдир.

Муғамбирдан-муғамбир кўсакқурт ундай-бундай доридан ўлмайди.

Шу боис, далаларимга метилмеркаптофос дори бердим.

Мен билгич дорилар орасида сассиқдан-сассиғи ана шу метилмеркаптофос бўлди!

Далаларимни қўланса-қўланса ис олди.

Мен икки кун туз тотайин дедим — тотолмадим.

Томоғимдан туз тугул, сув ўтмади.

Қайтанга — ичимда бори-да томоғимга қайтиб-қайтиб кела берди.

41

Чилла куйди!

Олам тандир тафт-тандир тафт бўлди. Сонсиз ажинларим-да дош беролмади. Саратон телпагим-да дош беролмади. Мен лабларим ёрилиб-лабларим ёрилиб далаладим.

Мен бурним қонаб-бурним қонаб далаладим. Мен каллам қайнаб-каллам қайнаб далаладим.

42

Ғўзаларим бўй-бўй ўсди.

Ғўза бўйлаб ўсса ғўза бўлмайди — дароз-дароз бўлиб қолади. Ғовлаб-ғовлаб қолади.

Ғўза ёнлаб-ёнлаб ўсса ғўза бўлади. Ғўза энлаб-энлаб ўсса ғўза бўлади.

Шу боис, ғўзаларимни чилпир бўлдим.

Бўйнимга этак осиб олдим. Дала бошидан ораладим.

Дароз-дароз ғўзаларим учини бармоқларим билан чирт-чирт чимдиб олдим. Пешма-пеш этак солдим.

Рисолада ўсмиш ғўзаларим учини чилпимадим.

Инсоф билан ўсмиш ғўзаларим учини-да чимдимадим. Майли, униб-ўссин, дедим.

Энлаб-энлаб ўсмиш ғўзаларимни билакларим билан қўзғаб-қўзғаб қўйдим. Кафтларим билан силаб-силаб қўйдим.

Этагим ғўзауч билан тўлди.

Ғўзаучлар бодроқ-бодроқ бўлди. Ғўзаучлар таом кўкат-таом кўкатдай бўлди.

Ғўзаучлар аззанча бодроқ бўлсин — ғўзаучларни эгатга ташлаб бўлмайди. Ҳашаротлар ана шу ғўзаучларда болалайди!

Масалан, кўсакқурт ана шу ғўзаучларда мояк қўяди. Мояк ғўзаучда бола очади. Қурт бўлиб ўрмалайди.

Ғўзаучлар мулойим бўлади-да, ғўзаучлар офтобиёр бўлади-да!

Ғўзаучлар аззанча кўкатсимон бўлсин — ғўзаучларни мол-ҳолга-да бериб бўлмайди.

Ғўзаучлар дорихалта бўлади! Ғўзага сепилмиш жами дори ана шу ғўзаучларда жамланмиш бўлади!

Мен бари ғўзаучларни Жарариққа олиб бориб кўмдим. Тепкилаб-тепкилаб кўмдим.

43

Бир ҳафтадан сўғин тағин бир бор чилпидим. Ғўзаларим бўйдан қолди. Ғўзаларим энди кўсакка зўр берди.

44

Ўн кўсакли ғўзам гектаридан йигирма центнердан ҳосил беради!

Йигирма кўсакли ғўзам гектаридан қирқ центнердан ҳосил беради!

Йигирма беш-ўттиз кўсакли ғўзам гектаридан қирқ беш-эллик центнердан ҳосил беради!

Avvalgi
I- qism