OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

5 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифТоғай Мурод
Асар номиОтамдан қолган далалар (II- қисм)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Социалист реализм
Муаллифлар
   - Тоғай Мурод
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Романлар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Нашриёт«Шарқ» нашриёт-матбаа концернининг бош таҳририяти, Тошкент — 1994 йил
Ҳажм310KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2011/07/29
Манбаhttp://forum.ziyouz.com/ind...


Аннотация
«Отамдан қолган далалар»— рамзий роман. Муаллиф ўз романида бутун умр далада кетмон чопиб, серқуёш юртида елкаси офтоб кўрмаган, қут-баракот юртида косаси оқармаган мунис ўзбек халқи сиймосини Деҳқонқул тимсолида бадиий талқин этади.


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Отамдан қолган далалар (II- қисм)
Тоғай Мурод

Еттинчи боб

1

Оқ тупроқ далам кўсаклари уч-учидан ёрилди. Оқтупроқ далам кўсаклари уч-учидан очилди.

Оқтупроқ даламга оқ оралади.

Бемаврид оқ оралади!

Оқтупроқ нозик-нозик ер бўлади. Оқтупроқ ориқ-ориқ ер бўлади.

Шу боис, оқтупроқ ер булайга силласи қуриб қолади. Оқтупроқ ер булайга дармонсиз бўлиб қолади.

Оқибат — оқтупроқ ғўза элдан бурун пишади.

Оқтупроқ ғўза элбурутдан очилади.

Оппоқ-оппоқ раққоса қизлар бўлади. Ялт-юлт раққоса қизлар бўлади.

Раққоса қизлар кўзни олади. Раққоса қизлар эс-ҳушни олади.

Аммо... раққоса қизлар пахта теролмайди. Раққоса қизлар хамир қоролмайди. Раққоса қизлар қозон қайнатолмайди. Оқтупроқ ана шу раққоса қизлардай бўлади!

Оқтупроқ син-синбат бўлади, оқтупроқда қут-баракот бўлмайди!

2

Ғўзаларим бошидан кун урди, остидан нам урди.

Оқибат — ғўзаларим ора-оралари дим-дим бўлди. Ғўзаларим ора-оралари бук-бук бўлди.

Бундай вақтда трактор билан ғўза оралаб бўлмайди.

Трактор очилмиш пахталаримни чувалатиб-чувалатиб ташлайди. Трактор очилажак пахталаримни тўзғитиб-тўзғитиб ташлайди. Трактор кўсакларимни эзиб-эзиб ташлайди.

Ғўзаларим орасини шамоллатмасам — тағин бўлмайди.

Кўсакларим димда понгсиб-понгсиб қолади. Кўсакларим букда чириб-чириб қолади. Омон қолмиш кўсакларим очилмай-очилмай қолади.

Мен ана шунда бирдан-бир йўлдан бордим — бор деҳқонларим билан сочилиб-сочилиб ғўза ораладим.

Ғўзаларимни қимирлатиб-қимирлатиб ораладим. Ғўзаларимни туртиб-туртиб ораладим.

Ғўзаларим шамоллади — кўсакларим ҳаво олди.

3

— Сизни Тошканга уч кунлик кўрикка жўнатаман, Деҳқонқул ака, —деди раисимиз. — Бир кўнгилни черини ёйиб келасиз.
— Қандай кўрик? — дедим.
— Пахта тергич машиналар кўриги бўлар эмиш.
— Далада иш қўқиб ётган бир вақтда-я?
— Энди, сиёсат-да, Деҳқонқул ака, сиёсат.
— Унда, ўзингиз бориб кела қолинг, раис бова?
— Қани эди, бир сайрлаб келар эдим. Катталар механизатор-бригадир боради, деяпти-да.
— Бир одамни икки бўладиган кунда-я?
— Бари колхоздан бировдан илғор бораяпти.
— Мен боролмайман, раис бова, боролмайман.
— Дўппингизни осмонга отсангиз-чи, Деҳқонқул ака! Тошканни айланиб келасиз! Йўл харажатларингизни колхоз тўлайди!

Ана шунда жоним кирди!
— Майлингиз, раис бова, — дедим. — Кўп қўймадингиз, майлингиз.
— Хў-ўш, қайта-қайта чўмилинг... Яхшилаб кийининг. Тошкан ўз оти ўзи билан Тошкан. Уст-бош бордир?
— Бор, йўқ эмас, бор. Лекин барини оҳори тўкилиб ётибди. Шу теваракда кийса бўлади.
— Унда, бўлмайди. Сиз республика анжуманига бораяпсиз. Шу, парткомда фасон-фасон кийимлар кўп. Бир сидрасини олиб бераман. Уч кунга ейилиб кетмайди.

Мен эрталаб партком уйилаб бордим. Дардимни айтдим.
— Хабарим бор, раис айтиб эди, — деди партком. — Фақат, гард юқтирмай қайтариб келасиз!

Партком шундай дея, ичкаридан бир камзул-чолвор билан бир кўйлак олиб келди.
— Манавиларни кийинг, қани, — деди.

Мен барини бир бошидан кийиб олдим. Ўзимни тошойна солдим.

Ўйнаб қўяй, партком бўл-е, дедим, ўйнабгина қўяй, парткомгина бўл-е, дедим.

Партком бўйнимга гулдор-гулдор бўйинбоғ тақиб бошлади.

Мен партком қўлини шунча ушладим — бўлмади.
— Тек ўтиринг! — деди партком. — Сиз пойтахтга томошага бораётганингиз йўқ, сиз республика кўригига бораяпсиз! Кўрикда кагга одамлар бўлади. Сизни кўриб кулади. Галстуги йўқ — қолоқ экан дейди, маданиятсиз экан, дейди.

Бўйинбоғ бўйнимни бўғди.

Мен оҳиста-оҳиста иҳ-иҳ, дедим. Нафасим ҳир-ҳир этди. Нафасим бўйинбоғ тугунида тўхтаб қолмишдай бўлди.

Мен тоқат этолмадим. Бўйинбоғ, учини қўшқўллаб-қўшқўллаб тортдим. Узиб олиб отайин, дедим.
— Нимага мунча типирчилайсиз? — деди партком.
— Манави... бўлмайди, партком бова.
— Нимаси бўлмайди, михдай-ку?
— Иштонбоққа ўхшаб шалвираяпти.
— Э, ундай деманг! Маданиятли гапиринг!
— Қўйни нўхтасига ўхшаяпта, партком бова.
— Э, бир иштонбоғ дейсиз, бир нўхта дейсиз! Бу галстук, югославский галстук! Отлиққа топилмайди!
— Буюрсин, партком бова, буюрсин. Лекин шуни бўйнимдан олинг.
— Кўп гапирманг, мана бўлмаса!

Партком шундай дея, бўйинбоғни тортиб-тортиб қўйди.

Шунда, бўйним пича озод бўлди. Эмин нафас олдим.

Жўна-жўна куни бўйинбоғни ташлаб кетаман дея, ниятландим.

Бўлмади — раисимиз уришиб-уришиб тақиб қўйди.

Раисимиз мен Тошкентда ўзимни қандай тутишимни бот-бот тушунтирди. Мени машинада Денов жўнатди.

Туман қишлоқ хўжалик бошқармаси бошлиғи ўтоғамиз бўлди.

Ўтоға бизни бош-адоқ қараб кўрди. Бир-бир қараб кўрди.
— Бўлади! — дея бош ирғади.

Ўтоға бўйинбоғимга гумонсираб-гумонсираб қаради. Бир кўзларимга қаради, бир бўйинбоғимга қаради.

Мен илкис-илкис ҳолда қолдим.

Ўтоға, ана энди бўйинбоғимни сўрайди, дедим. Ўтоға, ана энди сен бундай бўйинбоғни қаердан топдинг, дейди, дедим.

Мен апил-тапил олдини олдим.
— Бу меники эмас! — дея, бўйинбоғимни тортқилаб-тортқилаб кўрсатдим. — Йўқ, меники эмас! Бу парткомимизники!

Ўтоға тотли-тотли кулимсиди. Кулимсиб-кулимсиб бош ирғади.
— Биламан, Жамолиддинов, биламан, — деди. — Буни парткомларингиз таваллуд кунида мен ҳадя этиб эдим. Кўзимга иссиқ кўринганидан қараяпман.

5

Жойнишинда:
— Нималар бўлаяпти-а, катта? — дедим. Ўтоғамиз қўл силтади.
— Бари Даққиюнусдан қолган гаплар, — деди. — Мен ҳам бор, шу гаплар ҳам бор. Булар ўзи беш-олти гуруҳ. Беш-олтовиям олғир гуруҳ. Бир-бирини ейман дейди. Аслида, биринчи сўзлаганларни гапи жуфт гап. Ўшаларни машинасини далага чиқарса бўлади. Аммо иккинчи гуруҳ йўл бермайди. Чунки иккинчи гуруҳни илмий раҳбари мартабаси баланд одам, ўзим бўлсам дейди. Бошқаларни бўлишини хоҳламайди. Нимаики янгилик бор, кашфиёт бор — шунға шерик бўлгиси келади. Аслида, қўлини совуқ сувгаям урмайди. Аммо ҳамма ишда, ҳамма рўйхатда номим бўлса, дейди. Тайёр ошга эгалик қилгиси келади. Шу сабаб, тиш-тирноғи билан қаршилик қилади. Илмда нима кўп — камчилик кўп, бўлмаса—топади! Кейин, гапида туриб олади. Бирида илм зўр, бирида мартаба зўр, бирида орқа зўр. Булар дунёдан ана шундай бир-бирини еб ўтиб кетади. Ўртада ўлган-ўлган — деҳқон ўлган!

6

Эрталаб меҳмонхона олдида узун бир автобус бел бўлди.

Автобус бизни шаҳардан олис тажриба даласи олиб борди.

Анжуманда сўзламиш катталар-да келди.

Мен ўликкўз катта назари тушмасин дея, ўзимни чет-чет олдим.

Бир катта дала бошида турмиш пахта териш машинаси олдида гап очди.
— Кўрикдан мақсад, — деди катта, — келажаги бор машиналарни аниқлаш, сўнгра уларни оммавий ишлаб чиқаришга тавсия этишдир. Бу жуда мураккаб масала, етти ўлчаб бир кесадиган масаладир. Бунда асосан қуйидаги уч нарсага эътибор берилади. Биринчи — толани чаноқда қолдирмай териш, иккинчи — кўрак фоизи, учинчи—толани мосламалар орқали пахтаидишга бориб тушишидир. Фақат мана шу талабларга жавоб бера олган техникагина агротехника талабларига биноан оммавий равишда ишлаб чиқарилади. Аввало тарихдан бир саҳифа. Маълумки, биринчи пахта териш машинаси 1947 йилда яратилган. Шундан буён тўқсондан зиёд пахта териш машинаси яратилиб, синаб кўрилди. Аммо биронтасиям ҳамон талабга жавоб бермайди. Шундан буён изланаяпмиз, илмий ишлар қилаяпмиз, синаб кўраяпмиз. Аммо бирон-бир ижобий натижага эриша олмаяпмиз. Интилганга толе ёр, дейди халқимиз. Шундай экан, илмий изланишда, синовда давом этамиз. Сизларни ишонтириб айтамизки, биз олимлар сизларга ижобий натижалар берадиган пахта териш машиналари яратиб беришга ваъда берамиз! Мана, бугун навбатдаги янги ишлаб чиқарилган машиналарни синаб кўрамиз, улар жами ўн еттита. Лекин биз сиз азиз деҳқонларнинг вақтларингизни олмаймиз. Шунинг учун шу ўн еттита машинанинг тўрттасини синаб кўрамиз.

Синовчи механизатор биринчи турмиш машинани эгат солди.

Янги машина тозалаб терди. Ғўзани шипшийдамлаб терди. Чаноғида қолдирмай терди.

Аммо хом кўсакларни чайнаб-чайнаб ташлади. Юлиб-юлиб ташлади. Ғўзапояларни ғажиб-ғажиб ташлади. Толани кўк барглар билан булғаб-булғаб ташлади.

Катта чайнаб ташланмиш кўсакларни олди.
— Янги машинани ана шу иши агротехника қоидаларигз мос келмайди, — деди катта. —Олимларни эндиги вазифаси буни ўйлаб кўриб, бартараф этишдир. Олимлар мазкур машина устида ишлаётганларига мана, йигирма йил бўлмоқда. Бу олимларни иши шундан иборатки, улар шу вақтгача ишлатилиб келинаётган пахта териш машиналаридаги урчуқ барабанларидан воз кечиш йўлидаги уринишлардир. Бу лойиҳани афзаллиги шундаки, унда тик тайёқчалар ўрнатилган бўлиб, таёқчаларга қатор лаппаклар жойлаштирилгандир. Худди ана шулар ғўза теварагида айланиб, толани тортиб олади. Та-ак, энди навбатдаги янги машинани синовдан ўтказамиз. Бу машина ижодкори машинада ўтирган олимдир. У киши ҳозир ўз машинасида ўзи механизаторлик қилади. Бу машинага ҳам худди ҳалигидай лаппаклар ўрнатилган бўлиб, аммо буниси бир оз фарқ қилади. Бу машина жуда нозик, аниқроғи, жуда бўш. Яъни, пахтани бирчаноқ қилиб териб кетади. Толалар чаноқда чувалиб, дала оппоқ бўлиб қолади. Аниқроғи, бу машина чала теради. Аммо бу машинанинг ҳам афзал томонлари бор. Масалан, уни ишлатиш осон, қулай. Бошқа машиналардек, унинг урчуқларини ҳадеб ювавермайсиз. Мазкур машина лаппакларини алмаштириб, кўрак теришда ҳам фойдаланса бўлади.

Ҳавокуч ёрдамида пахта тергич машина синаб кўрилди.

Ҳавоютгич мосламада пахта тергич машина синови бўлди.
— Кўриб турибсизки, — деди катта, — янги машиналарни биронтаси ҳам шу кунларда далада пахта тераётган машиналарға тенглаша олмайди. Ўша машиналардан қолманглар!

Катталар давра олиб талашиб-тортишди. Гўё, кимўзар ўйнади.

Билсам — қирқинчи йилларни ўрталарида Розенблюм дегич ихтирочи машинага урчуқ қўйиб, пахта теришни ўйлаб топибди. Шундан буён урчуқ билан пахта териш жорий бўлибди. Шундан буён пахтани шу урчуқлар терар экан. Шу вақт мобайнида урчуқлардан бир неча марта воз кечмоқчи бўлибди. Аммо урчуқ ўрнини боса оладиган техника топа олмабди. Юздан зиёд... пахта териш машинаси ҳақида юздан знёд диссертация яратилибди! Тўқсон киши фан номзоди бўлиб, тўққиз киши фан доктори бўлибди! Иккита академик сайланибди. Аммо машина ҳамон ўша-ўша — қирқинчи йилларда Розенблюм яратган машина эмшш! Яна-тағин — бари диссертациялар айни ана шу урчуқлар ҳақида эмиш! Катталар уялмай-нетмай айтиб ўтирибди:
— Урчуқ эскириб қолди.
— Аммо бошқа техника йўқ-да.
— Қўяверинг, америкаликлар ҳам урчуқлар билан пахта термоқда.
— Тўғри, аммо улар пахта териш машиналарини йил сайин такомиллаштириб бормоқда. Масалан, Американинг «Жон Дир» фирмасида ишлаб чиқилаётган пахта териш машиналари кейинги йигирма йил мобайнида ўзининг пахтани кўп ва тез териш хусусияти билан бизни машиналардан бир ярим баравар ўзиб кетди.
— Бизда эса пахта ҳамон қўлда терилмоқда. Пахта тергич машина яратгич катталар нима фикрга келдилар?
— Биз яратган машиналар ёмон ишлаётгани учун энг аввало нав яратувчилар айбдор! — деди бир катта. — Нав яратувчилар бизнинг машиналарбоп пахта нави яратиб бермаяптилар. Янги машина керакми? Демак, янги пахта нави ҳам керак. Янги пахта нави қандай бўлмоғи керак? Янги пахта ўрта бўйли, хипчадан келган бўлмоғи керак!

7

Автобусда меҳмонхона келгунимчайин ўйладим.

Одамзот Гагарин бўлиб Ой учди. Одамзот Ойдан тош олиб келди.

Аммо... деҳқон оғирини енгил қилажак пахта териш машинаси яратилмади!

Одамзот юраги жойига ўзга юрак жойлаштирилди. Одамзот юраги алмаштирилди!

Аммо... урчуқ алмашмади! Шугина урчуқ ўрни учун бир техника ўйлаб топиб бўлмади!

Деҳқон кўнглидагидай бир пахта тергич машина яратилмади!

8

Автобус бизни катта йўл четида ташлаб кетди. Мен ўнгимга аланг-жаланг лўкилладим. Мен чапимга аланг-жаланг лўкилладим.
— Маданият уйи қаерда-қаерда?.. — дедим.
— Шатта-шатта! — деди бир йўловчи чол.

Чол кўрсатмиш иморатни кўзлаб бордим. Иморат чиндан-да маданият уйи бўлди.

Мен тағин лўкилладим. Охир маданият уйини топдим. Ичим илиди.
— Худога шукур-е, ҳақиқат бор экан-е! — дедим. Йўл-йўлакай қайишимни ечиб-ечиб ичкариладим. Шундай ичкарилашимни биламан — бир қий-чув бўлди, бир қий-чув бўлди-е!

Мисоли ердан чиқмишдай беш-олтита аёл бўй берди! Бари аёл қўзиқорин мисол оппоқ-оппоқ бўлди!
— Что за баран?! — дея бақирди.

Мен бир қўлим билан қайишимни ушладим, бир қўлим билан бетимни ушладим.
— Ай, ўлдим-ай! — дея шаҳд бурилдим. Кетимдан бир малласоч аёл қувиб келди. Халтачаси билан елкам оралатиб урди.
— Ух, ты баран! — дея урди.

Бир тарафдан эркаклар чиқиб келди. Эркаклар орасида бир мелиса-да бўлди.
— Кўз борми, ока? — деди мелиса.
— Бор-бор! — дедим.
— Кўз бўлса шундай қиласизми? Ана — «М», «Ж», деб ёзиб қўйибди-ю? Ё, хат-савод йўқми? Ана энди эллик сўм жарима тўлайсиз!

Билдим — иш чатоқ бўлди. Бир бефаросат қадамим туфайли эллик сўм кетар бўлди.

Эллик сўм-а, эллик сўм!

Бир меҳнат куни уч сўм ўттиз етти тийин туради. Эллик сўм топишим учун ўн беш меҳнат куни бажаришим лозим бўлади.

Энди, бола-бақрани насибасини омон олиб борайин. Эллик сўмга ким қанча қозон қайнайди?
— Хат-савод бор! — дедим. — Ана шу «М», «Ж»ларни ўқиб кўриб кирдим! Мана шундай келиб ўқидим: «М» — маржаларники бўлди. «Ж» — жигитларники бўлди. Худога шукур, жигитман! Жигитларникига кириб кета бердим!
— Ёпирай, ёпирай! — дея ёқа ушлади мелиса.
— Ёпирайи бўптими! — дедим. — Шаҳарда бор хат-савод, қишлоқда-да бор!

Мен бетимни қалини — жонимни ҳузури, дея сур бўлиб-сур бўлиб тура бердим.

Мелиса ё, олачипор бетимни кўриб раҳми келди, ё, шу кўрсавод билан айтишиб ўтираманми, деди.
— Э, боринг-е! — дея жеркиб ташлади. — Қаттан келган бўлсайиз, ўшатга гумдон бўлинг-е!
— Гумдон бўламиз! — дея кўкрак кўтардим. — Биз шаҳрингизга мусофирмиз! Гумдон бўл, десангиз — бўла берамиз!

Малласоч аёл сувдан қуруқ чиқишимни билиб қолди. Тағин халтачаси билан уриб қолди.

Мен лик этиб мелисани кетига ўтиб олдим. Мелисани елкаси оша қарадим.
— Ў-ў, маржа! — дедим. — Советни бадрабхонасини кўп қизғана берма! Советни бадрабхонаси сенга-да етади, менга-да етади!

Аёллар олдида мен ҳақ-мен ҳақ, мақомда қадамладим. Зафарона-зафарона қадамладим.

Аёллардан пана бўлишим билан юлдуз учмишдай-юлдуз учмишдай чопиб-чопиб қўя бердим!

9

— Отингни сот, молингни сот, машъал бўл-да! — деди раисимиз.
— Ўйнаб қўяй, ўйнаб қўяй! — дедим мен. — Тағин ким келаяпти?

Раисимиз шаҳодат бармоғини юксак кўтарди.
— Шоирлар! — дея хитобланди. — Ана энди репортаж бўласиз, очерк бўласиз!
— Ўйнаб қўяй, меҳмондан, ўйнаб қўяй!
— Кассирдан пул олиб бозорланг. Бир қўй, уч-тўртта ароқ...

Шоирлар чошгоҳда келди.

Шоирлар ўқариқ ёқалаб оҳиста-оҳиста одимлади. Шоирлар далалар узра назар ташлаб-назар ташлаб одимлади. Шоирлар далалар узра қўл шоп қилиб-қўл шоп қилиб одимлади.
— Пахтазор — чаққон қўлларга интизор! — дея хитоблниб одимлади.
— Пахтазор — пахта фронтининг механизациялашган қўшинларига интизор! — дея хитобланиб одимлади.

Идеология билан раисимиз шоирлар кетидан эргашиб юрди. Шоирлар ўқариқ адоғида оёқ илди. Шоирлар оёқлибос қоқди. Шоирлар чолвор қоқди. Шоирлар кўйлак пуфлади. Шоирлар бизникига йўл олди. Каиф-сафо авж олди. Шоирлар ўзларини ўзлари мақтаб ичди. Шоирлар ўзларини ўзлари улуғлаб ичди.

Косагул шоир пиёла тўла ароқни бир кўтаришда ютди. Газагига ана шу пиёлани чертиб-чертиб хиргойи этди:

Юртим шундай бир диёрки
Нурхонаю — нурхона
Дурхонаю — дурхона
Гулхонаю — гулхона...

— Ўртоқ Деҳқоний! — деб қолди бир маҳал. Мен сергак бўлдим. Мен аланг-жаланг бўлдим.

Мен ўз-ўзимдан уялдим.
— Ундай деманг-е, домла, ундай деманг-е, — дедим.
— Ия, нега демайман? Деҳқонни Деҳқоний дейди-да!
— Мен шоир бўлсам экан — шундайчикин десангиз. Мен бир деҳқон одам бўлсам. Шундай экан, Деҳқонқул дея беринг.
— Қул? Шўро замонида қул йўқ! Бўлиши ҳам мумкин эмас! Улуғ Октябрь социалистик революцияси барча қулликларга барҳам берган!
— Ҳа! — дея кесак олиб берди Идеология. — Улуғ Октябрь соцналистик революцияси планетамизнинг социал-сиёсий қиёфасини тубдан ўзгартириб юборди, кишининг киши томонидан эзилишига ва эксплуатация қилинишига асосланган бутун жаҳон системасига 1917 йил октябрида қақшатқич зарба берилди, жаҳонда биринчи социалистик давлатнинг ташкил топиши жаҳон тарихининг янги даврини бошлаб берди, чор Россиясида аҳолининг тўртдан-уч қисми қишлоқ хўжалигида банд эди, эндиликда меҳнатга қобилиятли аҳолининг учдан бир қисмидан камроғи қишлоқ хўжалигида меҳнат қилмоқда, ўтмишда саводсиз бўлган, помешчик томонидан хўрланиб келган деҳқон эндиликда ўз хўжалигининг озод эгаси бўлиб олди, абадий фойдаланиш учун колхозларга бериб қўйилган ерларда меҳнат қилмоқда, кооперативнинг бошқа аъзолари билан биргаликда коллектив меҳнат самараларини тақсимлаб олмоқда, унинг оила аъзолари социалистик тузум берган барча маданият неъматларидан баҳраманд бўлмоқда, Совет ҳокимияти йиллари мобайнида деҳқонларнинг реал даромадлари ошмоқда...
— Энди, домла, ота-энамиз шундайин от қўйиб эди-да.
— Домла? Қанақа домла? — деди косагул шоир. — Домла мачит-мадрасаларда бўлади! Биз социалистик халқ шоирларимиз!
— Тавба қилдим! — дея қўлимни кўксимга қўйдим. — Майли, билганингиздай дея беринг.
— Ҳа, ана, бу бошқа гап! — деди косагул шоир. — Ана шундай кетсангиз, шубҳасиз, ўсасиз! Хў-ўш, ўртоқ Деҳқоний, мана бу ёнимдаги зотни танияпсизми?
— Йўқ, —дея бош чайқадим.
— Бу зотни танимабсиз—дунёни танимабсиз! Бу зот замонамизнинг буюк адиби бўладилар. «Бўри изидан» деган романни ўқигандирсиз?
— «Бўри изидан», «Бўри изидан»...

Мен шундай дея, чапимга қараб кўз пирпиратдим. Мен шундай дея, ўнгимга қараб кўз пирпиратдим. Мен шундай дея, осмонга қараб кўз пирпиратдим.

Мен ўқидим, дейин дедим — ёлғон бўлди. Мен ўқимадим, дейин дедим — Идеология кўз қисди.

Идеология ўқидим, деб айт-ўқидим, деб айт, дея кўз қиса берди.
— «Бўри изидан», «Бўри изидан»... — дея тағин минғ-минғ этдим. — Э, ҳа, ов ҳақида эди-а?

Ана шунда буюк адибни ўзлари гап берди.
— Да, ов ҳақида! — деди ҳокимона. — Қашқир ови ҳақида!
— Эсладим-эсладим! — дея бош ирғадим. — Энди эсладим. Пича хаёлимдан кўтарилибди. Овга қизиқмагандан кейин шу-да.
— Ну, овга қизиқмайдиган одам ҳам бўладими?
— Қизиққаним билан, даламизда бўри йўқ-да, ов қилайин десам.
— Ну-ну, бўри йўқ!.. Бир вақтлар бу далалар бўрилар макони эди, бўрилар макони!
— Бўрилар макони? — дея анграйдим.
— Да, бу далалар бўрилар макони эди!

Мен далаларимда илон кўрдим, чаён кўрдим, тулки кўрдим. Аммо бўри кўрмадим.
— Мана шу далалар-а? — дедим.
— Да, бу далалар бўрилар уяси эди, бўрилар уяси!
— Шундай-я? — дедим.
— Да-да, бу далаларда бўри галалари тўда-тўда бўлиб изғиб юрар эди!
— Йўғ-е? — дедим.
— Да-да, бу далаларда йиртқич бўрилар увиллаб-увиллаб дайдиб юрар эди!

Мен нима дейишимни билмадим.
— Бўри ўз уясидан олислаб кетмайди, дейишади, — дедим. — Унда гала-гала бўри қаёққа кетади?
— Шўро ҳукумати қириб ташлади! Мана бундай пақ-пақ отиб қириб ташлади! Шўро ҳукумати икки миллионтача йиртқич бўрини ана шундай қирий ташлади! О-о-о, Шўро ҳукумати бўлмаса, бу далаларда деҳқончилик қилиш қаёқда эди? О-о-о, Шўро ҳукумати бўлмаса, бу далаларда деҳқон қаёқда эди?
— Ҳа! — дея яна кесак олиб берди Идеология. — Совет Иттифоқида социализмнинг ғалаба қилиши натижасида эксплуататор синфлар тугатилди ва кишининг киши томонидан эксплуатация қилинишига барҳам берилди, ишсизлик ва қашшоқлик йўқ қилинди, меҳнаткашларнинг моддий ва маданий фаровонлиги йил сайин ўсиб борди, миллий зулмни келтириб чиқарган ва халқлар орасида бир-бирига ишонмасликни кучайтириб келган эксплуататор синфларнинг тугатилиши, Совет ҳокимияти томонидан СССРдаги барча халқлар ўртасида ҳақиқий тенгликни юзага чиқаришга қаратилган ленинча миллий сиёсатнинг амалга оширилаётганлиги, айрим миллатларнинг хўжалик, сиёсий ва маданий жиҳатдан ўтмишдан мерос бўлиб қолган қолоқлигини йўқ қилишда рус халқининг системали суратда ёрдам бериб келаётганлиги натижасида совет қишлоғи ҳаётида жуда катта ўзгаришлар юз берди, социалистик қишлоқ хўжалигининг экономикасини мустаҳкамлаш негизида колхозчи деҳқонларнинг моддий фаровонлиги ошди, қишлоқ ҳаёти шаҳар ҳаёти билан тенглашди, шаҳар билан қишлоқ ўртасидаги тафовут йўқолди...
— Мана бу ёнимда ўтирган зот барча даврлар ва барча халқлар адибидир, — деди косағул шоир. — «Самарқанд осмонида юлдузлар» романи муаллифи бўлади.
— «Самарқанд осмонида юлдузлар»...

Буюк адиб гапимни илиб олди.
— «Самарқанд осмонида юлдузлар» романида ҳам йиртқич қашқирлар ҳаёти қаламга олинади, — деди. — Фақат унда қадим-қадимги қашқирлар тасвирланади. Фарқимиз — у киши нуқул тарихий қашқирлар... нуқул тарихий қашқирлар ҳаётига мурожаат қилади, холос...

Шоирлар жўна-жўна бўлди.
— Сиз идорагача юринг, иш бор, — деди раисимиз. Шоирлар машина кет ўриндиғида жойлашди. Мен раисимиз имоси билан ҳайдовчи қабатидан жой олдим.

Машина Сайрак қишлоғи ёналаб юрди-юрди — Ақраб шаҳид қоралаб келди.

Ҳайдовчи машинани оҳисталатди. Чап қўлида машина бошқарди. Ўнг қўлини юзлари аро кўтарди. Ақраб шаҳидга қараб пичир-пичир фотиҳа ўқиди. Ўнг кафтини юзларига суртди.

Мен ҳайдовчига қўшилиб фотиҳа ўқидим.
— Танҳо мозорда ётган зот ким бўлди? — деди буюк адиб.

Мен: отамиз, дейиш учун оғиз жуфтлаб эдим — раисимиз оғзимдан гапимни илиб олди.
— У зот уруш қаҳрамони! — деди раисимиз.
— Уруш қаҳрамони? Қанақа уруш? — деди барча халқлар адиби.
— Улуғ Ватан уруши қаҳрамони! — деди раисимиз.
— О-о-о, Улуғ Ватан уруши қаҳрамони! — дея хитобланди буюк адиб. — Очерк ёзиб, номини абадийлаштириш керак эди!
— Ҳали ҳам кеч эмас, — деди барча халқлар адиби. — Адҳам Раҳматга айтамиз, келиб ёзиб кетади.
— Адҳам Раҳмат бўлиши шарт эмас, — деди раисимиз. — Тошканда қаҳрамонни ёзувчи жияни бор. Шу жияни ёзса-да бўлади.
— Ёзувчи? Ким дейди? — деди косагул шоир.
— Тоғай Мурод, дейди.
— Тоғай Мурод? Тоғай Муродни биламиз! — деди косагул шоир. — О-о, Тоғай Мурод худони балоси у, худогинани балоси у!
— Жиян тоғага тортади-да! — деди раисимиз. Идеология керма қош бўлди. Идеология лаб бурди.
— Улуғ Ватан уруши қаҳрамони... Улуғ Ватан уруши қаҳрамони... — дея ўйланди Идеология. — Шундай одам вафот этади, нега мен билмайман, ўртоқ раис? Бу воқеа қачон бўлиб ўтди?
— Ўтган беш йилликларда бўлиб ўтиб кетди, — деди раисимиз.
— А-а, вот как! — деди Идеология. — Мен унда Москвада ўқишда эдим!

10

Бир ҳафтадан кейин супрадай бир рўзномада мана бундай мақола ўқидим:

ЁЗУВЧИЛАР ПАХТА ДАЛАЛАРИДА

ОППОҚ ТОНГ ЮЛДУЗЛАРИ

Тонг киприк қоқмоқда. Боботоғ чўққиларида осмон оқариб кўринмоқда. Она қуёш дастлаб қалдирғоч қанотига ўхшаб кўринади-да, зум ўтмай тоғнинг ясси чўққисида қип-қизил мис товоқдай товланиб, воҳага ажиб бир зар тўкади. Ҳур, бахтиёр кун бошланади.

Шу лаҳзада Хурсандой билан Норгулой сўқмоқ ёқалаб боришмоқда. Улар бугун Жарариқ анҳор бўйида «оқ олтин» теришади. Сўлим, сулув Жарариқ анҳори! Анҳор бўйида «оқ олтин» териш нақадар гаштли! Яна-тағин ўн кунликнинг охири. Бир юз қирқ уч килограммдан пахта теришса, жами беш тоннага етади. Дугоналар кеча оқшом маслаҳатлашиб олишган. Хурсандой биринчи эгатга тушади. Норгулой уни ёнлаб тушади.

Пахта юзини шудринг босган, қўл тегса, ёмғир ёққандай дув этиб тўкилади, қўл жиққа ҳўл бўлади.
— Хурсандой, шудрингнинг ялтирашини қара, худди ёмғир ёққандай-а, — деди Норгулой.
— Баҳор, мисоли сўлим баҳор!

Хурсандой шундай деб, Норгулойга бир нима узатди.
— Дугонажон, манави атирдан сепиб олинг, чивин чақмайди.
— Вой, бу нима?
— Француз атири.
— Раҳмат, дугонажон, раҳмат, далага француз атириям бўлаверади.

Бригадир Деҳқонқул ака бизнинг илтимосимизга биноан иккита дала юлдузини, иккита тонг юлдузини бир-икки дақиқага олиб қолди. Биз дала юлдузлари билан суҳбатда бўлдик.
— Ҳорманг энди, она қизларим!
— Далада юрганлар тушлик қилмайдими? — сўрадик биз бригадирдан.
— Улар мана бу маданий ҳордиқ чиқараётган илғорлар билан социалистик мусобақа ўйнаган, — деди бригадир ғурур билан. — Илғорларга етиб олайлик деб, туш вақтидаям пахта теради, илғорларнинг дам олиб ўтирганидан фойдаланади. Тадбиркор, серғурур қизлар-да! Рўмолларининг учида нони бор, шуни йўл-йўлакай тишлаб еб, пахта тераверади.
— О, ана буни чинакам меҳнатсеварлик деса бўлади!
— Дала меҳри!
— Пахта ишқи!
— Ватанга фидокорлик!

Шу пайт колхоз агитмашинаси шийпон олдига келиб тўхтади. Радиокарнайдан колхоз агитатори Жавлонбой аканинг жарангдор овози янгради:
— Терим илғорларига шон-шарафлар! Азиз теримчилар, ярим кунда юз килограммдан «оқ олтин» териб, эл хирмонига тўккан Хурсандой билан Норгулойга тенглашингиз! Ҳозир эшиттириладиган «Бахт ялласи» ана шу икки илғор дугонанинг бугунги ютуғига бизнинг олқишимиз бўлади! Диққат, «Бахт ялласи»!

Бахтиёрлар ўлкаси бу — яйрашинг, ўйнанг, кулинг,

Булбулигўё бўлиб, хўп сайрашинг, қувнанг, кулинг,

Тер тўкиб сизлар шу юртда бунданам бахтли бўлинг...

Бахт ялласидан ҳорғин кўзлар тиниқлашди, белларга, қўлларга қувват кирди, оёқларга дармон кирди.

Дала юлдузлари бахт ялласи қанотида яна далалар сари елиб кетди.

Биз улкан тўйхонани эслатувчи пахтазор қўйнидан олам-олам завқ ила, қувонч ила қайтар эканмиз, қулоқларимиз остида ҳамон «Бахт ялласи» жаранглаб турди:

Бахтиёрлар ўлкаси бу...

Уфқда порлоқ келажакдан дарак бериб, қуёш қизариб ботмоқда...

Сергей БОРОДИН,

Михаил ШЕВЕРДИН,

Комил ЯШИН.

11

Умрда шундай кун бўлади: одам бирдан айниб қолади!

Кўнгилга қил сиғмайди. Кўнгил бир хижил бўлади, бир ланж бўлади.

Кўнгилни нимадир бир нима бармоқ ботириб-бармоқ ботириб тирнайди.

Кўнгилни бир ҳадик босиб келади. Кўнгил туб-туби нимадир бир нима бўлади, дейди.

Ҳадик юзларга ўтади. Ҳадик қобоқларга ўтади.

Чап қобоқ пир-пир учади.

Кафт чап қобоқ силаб-сийпайди.

Лаблар қобоқ силамиш кафтни чўлп-чўлп ўпади.
— Кет, бор, кет!..

Одам ўзича ана шундай ҳадик қувмиш бўлади.

12

Кўзимга дала-да кўринмади. Кўзимга пахта-да кўринмади.

Мотоциклим билан қишлоқ учдим.

Дарвозамиздан елиб ичкариладим.

Шунда, димоғимга қўланса бир ис келди.

Ҳовли юзида сатиллар думалаб ётди. Бидонлар юмалаб ётди.

Майда-майда кўлмак сувлар йилт-йилт этди.

Қоп-қора куялар сочила-сочила ўйнади.

Қўланса ис ҳаминқадар анқиди.

Бир ерда латта куяяпти, дея ўйладим.
— Ай!.. — дедим.

Ичкаридан Ойсулув қизимиз чиқиб келди.
— Сен эмас, энанг қани? — дедим.

Қизимиз ҳўнгиллаб йиғлади. Юмалаб ётмиш бидон ўтириб йиғлади. Юзларини кафтлари билан яшириб йиғлади..

Ҳадаҳалаб қизимиз олдига бордим. Юзини ўзимга қаратдим.
— Нима қилди, айт? — дедим. — Энанг қани? Қизимиз гапирмади, қўли билан туман тарафни кўрсатди.

Аччиқ билан қизимизни елкаларидан даст кўтариб олдим.
— Сенга айтаяпман, тилинг борми?! Энанг қани деяпман?!

Қизимиз ўпкасини босолмайин айтди:
— Энам ўзига ўт қўйиб юборди.
— Нима-нима?! Қаерда-қаерда?!
— Туман олиб кетди.
— Момонг қани?!
— Момом энам билан кетди.

13

Мен мотоциклимни йўл-йўлакай ўт олдириб учдим. Тезликни охиригача босдим.

Мен қандай етиб келдим — худо билмаса, мен билмадим.

Мотоциклимни касалхона дарвозаси олдида қолдирдим. Ичкарилаб чопдим.

Қабулхонада одам мўл бўлди. Биров касалхона кийимида бўлди. Биров кўча-кўй кийимида бўлди.

Мен дардимни туйнукдан айтдим.

Оқ халатли йигит бош ирғади.
— Биламан, олиб келди, биламан, — деди.
— Ичкари кираман, — дедим.
— Йўқ, мумкин эмас.
— Мен... мен хўжайини бўламан.
— Қатъий назар, беморга ҳозир тез ёрдам кўрсатилмоқда.

У дедим, бўлмади, бу дедим, бўлмади.
— Бўлмаса, момони чақириб беринг? — дедим.
— У ким?
— Бизни энамиз.
— Ҳа-ҳа, ёнида бир кампир бор эди, ўша-да? Бу мумкин!

Қабулхонада бари-бари менга қаради. Биров ачиниб қаради. Биров қайғуриб қаради. Биров бош чайқади. Биров бош ирғади. Қабулхонада пичир-пичир бошланди.
— Эркаги экан, шўрпешонани эркаги экан.
— Ҳай, бечора-е, бечора.
— Э, тавба-е, туманда бир ойда тўртта шундай кўргилик бўлди-а?
— Тўртов бўлдими-а?
— Эса-чи. Жобида биров, Мўминқулда биров, Сайракда биров, буниси билан тўртов.
— Қандай замон бўлди-а?
— Олдинлариям кўп бўлиб эди, билдиришмади. Энди билдиришаяпти.
— Кўрасиз, ҳали шуниям босди-босди этадилар.
— У-ку, чин. Олдинги тўрттасиниям босди-босди этдилар.
— Ойдай-кундай кўриниб турган куйикни қайтиб босди-босди этадилар?
— Эб-е, жўқчи деса, жўқчи дегуликсан-да, эб-е. Катталарни олдида оқни қора дейиш нима деган гап...

Оқ халатли йигит телефонда биров билан гапиришди.
— Бир четга? Бўпти, бир четга, бўпти, — деди.

Йигит билагимдан ушлаб ҳовли етаклади. Қўли билан бир четни — қуюқ дарахтлар остини кўрсатди.
— Ана ўша ўтирғичга бориб ўтириб туринг, кампирни ҳозир юбораман, — деди. — Шовқин-сурон қилмай, тинчгана ўтиринглар.
— Ким шовқин қилаяпти?
— Сиз эмас, кампир шундай экан. Кампир келганда шундай бақириб-чақирди, шундай шовқин-сурон қилди, касалхонани бошига кўтарди! Шунга, бош врачимиз шовқин қилмасин, четроқда гаплашсин, деяпти. Энди сиз эркак одамсиз, кампирга айтиб қўясиз-да.

Мен йигит айтмиш хилват бориб ўтирдим. Оёқ узатиб ўтирдим.

14

Сағал ўтди — онамиз пайпанглай-пайпанглай келди.

Онамиз рангида ранг бўлмади. Онамиз кўзлари шиш-шиш бўлди. Онамиз бурунлари оқиб-оқиб ётди.

Онамиз қабатимдан жой олди. Дока рўмоли билан оғзини ушлаб... сел-себор йиғлади.
— Кўргилигинг кўп бўлсин, сендайчикин эркакни! — деди.
— Эб-е, мен сизга нима қилдим?
— Қичқирганимдан чопа келсанг, ўлармидинг!
— Қачон? Эшитганим йўқ, худо урсин агар, эшитганим йўқ!
— Қанча қичқирдим, том-тошни бошимга кўтардим, ҳовлини бошимга кўтардим. Деҳқонқул-а, кела бер-чи кела бер, деб қичқирдим.
— Эшитганим йўқ, ит бўлайин агар, эшитганим йўқ!
— Эл-халқим, кела бер-чи кела бер, деб бақирдим. Қани, бировгина жонзот овоз берса, отинг нима деса!
— Бари менга ўхшаб далада юрган-да?
— Ҳа, даланг билан қўшилиб чалпак бўлгин, чалпаккина бўлгин! Ҳа, даланг билан қўшилиб қўшмозор бўлгин, қўшмозоргина бўлгин! Шу аёлга бир нима бўлсин қани, мен сени нима қиламан экан!
— Ўзи, нима бўлди, айтинг қаникайин?
— Очиқ мозор бўлди, очиқ лаҳад бўлди!
— Кўп бақирманг-е, эна, теварак-бошдан-да уятдир.
— Ичкарида жондайгина келиним куйиб ётади-да, мен бақирмай ким бақиради?!
— Хўп, нима бўлди ўзи? Бир бошидан айтинг қаникайин?
— Бир қарадим: келин ичкарида бешикка бағрини бериб ўтирди. Боласига эмчак берди. Пешонасини бешик тебратгич қўйиб ухлади. Ай, келин, бўл, дедим. Майли, ҳозир, деди. Сўғин ҳужрамга кириб кетдим. Келиндан ҳадеганда дарак бўла бермади. Икки қарадим: ай, келин, бўл, дедим. Майли, манавини эмизиб бўлайин, майли, деди. Бир оғиз қаттиқ-қуруқ гапирган бўлсам, ўлайин агар, ўлибгина кетайин, агар! Қарадим-қарадим: келин қимирламади. Бор-е, дедим, бу дунёмдан у дунём яқин бўлса, менга нима, дедим. Ҳужрамга кириб ётиб олдим. Ётиб-ётиб, кўзим кетди. Бир маҳал, ойнадан биров қаради. Мен кўзимни билинар-билинмас очиб турдим. Келин ойнадан мўралади. Кафтларини ойна тутиб мўралади. Мен ўзимни ухламишга олиб ётдим. Келин ойнадан мўралади-мўралади... кетди. Энди далага ҳаяллаб-ҳаяллаб боради, эридан кўр бўлиб гап эшитади, дедим. Келин шу кетишида ошхонага борибди. Гап йўқ, сўз йўқ, бурчакда турган ермойини олибди-да, елкасидан қуйибди.
— Елкасидан қуйибди? Ермойини-я?
— Ермойини-да, елкасидан-да! Сўғин, кўйлаги этагидан гугурт чақибди.
— Ўзи чақибдими?
— Бўлмаса ким чақади, ўзи-да.
— Чопиб бормадингизми?
— Эб-е, туш билибманми, ўт қўйишини!
— Ё, тавба, ё, тавбангдан...
— Бир маҳал, чириллаган овоз эшитдим. Аввал-аввал, нима эмиш, дедим. Шу яқинда биров-яримни эри ураяпти-ёв, дедим. Ҳадаҳалаб жойимдан турдим. Ойнадан ташқари қарадим. Қарасам: ҳовлида бир ўт ёнаяпти. Ўт бўлиб ўт эмас, кун бўлиб кун эмас! Ўт, дейин дедим — шу вақтда ўт нима қилади, дедим. Келин тандир қизитаяпти, дейин дедим — кеча тандир қизитиб, нон ёпиб олиб эди-ку, дедим, Бир маҳал ўт чинқириб қўя берди! Тавба дедим, ўт ҳам чинқирадими, дедим. Умрим ўтиб, чинқириб ёнгич ўт кўрмаб эдим-ку, дедим. Бир маҳал, ўт ҳовлини айланиб чопди! Мен ташқари отилиб чиқдим, Қараб турдим: ўт ҳовлида зир-зир айланиб чопди! Ўт чинқириб-чинқириб чолди! Ўт буралиб-буралиб чопди! Ўт ўйнаб-ўйнаб чопди! Ўт эшилиб-эшилиб чопди! Мен овоз қўйиб чириқ бердим. Сени йўқлаб чириқ бердим. Эл-халқим кела бер, деб чақириқ бердим. Чириқ бера-чириқ бера — ўтни олдимга солиб қувиб қўя бердим! Ҳовлини айлантириб ўт қуваман-ўт қуваман — қани энди, етолсам! Ўтни етолмадим! Бир-икки марта етаман-етаман дедим ағнаб тушдим. Белларим зирқираб оғриди. Жойимдан туролмай қолдим, ётган еримда: эл-халқим, қаердасан, эл-халқим, кела бер, деб бақира бердим. Бир бало қилиб жойимдан тўркадим. Тағин ўт қувиб кетдим. Ўт ўзини девор олиб бориб урди! Ўт ўзини дарахт олиб бориб урди! Сўғин, ўт ўзини... бузоқни остига отди! Бузоқ қозиқ айланиб-қозиқ айланиб қочди. Маъраб-маъраб қочди. Ўт лоп этиб тўркади. Ўт энди бурчакда уюғли қумга қараб чолди. Ўт ўзини қумга урди. Ўт қумга ағнаб-ағнаб чинқирди. Ўт қумга юмалаб-юмалаб чинқирди. Ўт тағин ҳовлини гир-гир айланиб-айланиб чопди. Мен бечора ўт қуваман деб, тағин ағнаб тушдим. Мен жойимдан туролмай-туролмай чирилладим. Мен қўлларимни чўзиб-чўзиб чирилладим. Бовужуд, кўчадан ўткинчи-кеткинчилар чопиб келди.
— Улар-да ўчиролмадими-а...
— Ўчиргани шу-да, тирик қолди, ўчирганн шу-да! Бўлмаса, келинимни суягиям қолмас эди! Кўп кўп-да — ўтни етиб олиб, қумга босиб-босиб турди. Ўтга сатиллаб-сатиллаб сув сепиб турди. Гиламни ҳўллаб-ҳўллаб, ўтга ёпиб-ёпиб турди.


Мен тиззамга тарс-тарс уриб йиғладим. Мен ўкириб-ўкириб йиғладим. Мен айтиб-айтиб йиғладим.
— Ай, дала-дала демай; мен ўлайин-а, ай, эркак бўлмай мен ўлайин-а!..
— Бебоққина келиним-а!..
— Ай, пешонам қурсин-а, дунёга келмай мен ўлайин-а!..
— Қўли косов, сочи супурги келиним-а!..
— Дарров кийимларини ечиб олмабсизлар-да, эна!..
— Кийим кимни эсига кепти, дейсан...
— Дарров кийимларини ечиб олса бўлди эди, одам ёнмас эди!
— Одам ёнмас эди? Эб-е, одам ёнмаганини кўрибсан! Одам ёнсин-да! Одам гуриллаб-гуриллаб ёнди! Ҳамсоя-қўллар кийимларини юлиб олди. Барибир одам ёнди! Одам танаси ёнди! Одам гур-гур ёнди!
— Қўйинг-е, эна, одам ҳам ёнадими! Ўзларинг бўш-баёв бўлиб ўчиролмагансизлар!
— Эб-е, эб-е, одам ёнсин экан-да! Одам ёнар экан-да! Ҳўл кундани ёнганини кўриб эдингми? Одам ана шу кундадай ёнар экан! Одам баданлари пиш-пиш этиб ёнар экан! Одам баданларидан сув чиқиб-сув чиқиб ёнар экан! Одам баданларидан сув оқиб-сув оқиб ёнар экан! Одам бадбўйдан-бадбўй ҳид чиқариб-ҳид чиқариб ёнар экан!..

15

Касалхона дарвозасидан учта машина кириб келди.

Машина йўлак четида оёқ илди.

Машиналардан катталар тушди.

Катталар машиналари олдида гапириб-гапиришиб турди.

Раисимиз биз тарафлади.

Раисимиз бизни қошимизда бош эгиб турди. Бош чайқаб турди.
— Ҳай-ҳай, фалокат-да, —деди. —Фалокат. Қалай ўзи, тилга келдими?
— Гўрда тилга келадими! — деди онамиз. — Кўзини очолмайди, гўрда тилга келадими!
— Фалокат оёқ остида дегани шу-да. Сиз энди, момо, олдига боринг-да, кўз-қулоқ бўлиб туринг, боринг.

Онамиз ичкарилаб жўнади.

Раисимиз менга қаради. Зим-зимдан қаради. Бир нима дейиш учун оғиз жуфтлади. Тағин, индамади.

Раисимиз ер сингалаб-ер сингалаб катталар тараф кетди.

16

Каллам... каллам елкамдан босиб-босиб келди. Каллам катталик қилди. Каллам оғирлик қилди.

Ўтирғич қиррасига тирсакладим. Калламга қўлимни тирадим. Калламни кафтимга олдим.

17

Куйди-куйди — аёлимни тани куйди.

Куйди-куйди — мени бағрим куйди.

Куйди-куйди — болаларимни шўри куйди.

18

Куйди-куйди — катталарни нимаси куйди?

Катталарни... оёғи куйди!

Катталар питирлаб қолди. Катталар зириллаб қолди. Қатталар вос-вос бўп қолди!

Катталарга бир бўлак кун туғди.

Катталар тўда-тўда бўлиб гапиришди. Катталар қўлларини бигиз этиб гапиришди. Катталар қўлларини шоп этиб гапиришди. Катталар қўлларини мушт этиб гапиришди: Катталар ер тупуриб-ер тупуриб гапиришди.

Катталар қатор бўлишиб келди.

Мен жойимдан қўзғолдим.

Идеология қайғудошлик ҳам меҳрибонлик билан елкамга қўлини қўйди.
— Ўтиринг, қимирламанг, ўтиринг, — деди. Мен тағин жойимга чўкдим.

Иккита катта ўнгим ўтирди. Иккита катта чапим ўтирди. Тағин икиита катта пешонамда тик турди.

Идеология қўл қовуштирди. Идеология бош ирғади. Идеологая хўрсинди.
— Фалокат, фалокат, — деди. — Ўртоқ бригадир, Деҳқонқулова... касал эдими?
— Йўқ, соғлом эди, — дедим. — Аёлимиз умри меҳнат билан ўтди.
— Балки... ёшлигида касал-пасал бўлгандир?
— Аёлини ёшлигини бу қаердан билади, — деди бир катта.
— Нимага билмайман, йиламан. Холамизни қизини билмайманми, биламан.
— Деҳқонқулова уйида қаттиқ йиқилган жойи бор эдими? — деди Идеология.
— Йўқ?
— Мабодо... бошини тасодифан девор-певорга уриб олиб эдими?
— Йўқ?
— Балки далада пахта ичида ухлаб қолгандир? Яхшилаб эсланг?
— Йўқ, ундай бўлган йўқ.
— Ёнғоқни остида ҳам ухлар эдими?
— Йўқ, уйимизда ёнғоқ йўқ.
— Гапирганда, гап-сўзларидан адашар эдими?
— Йўқ, гаплари туппа-тузук эди.
— Авлодида эси... эси эмас, нима десак экан... авлодида эси бундайроқлари бор эдими?
— Йўқ, аёлимиз етти пуштигачайин палаги тоза аёл!

Идеология теварак-бош қараб-қараб олди. Идеология овозини бир парда кўтарди.
— Унда... нимага ўзига ўзи ўт қўяди? — деди. Мен бармоқларимга йиғлаб-йиғлаб қўя бердим.
— Энди... кўргилик-да, катта, кўргилик! — дедим. Бармоқларим орасидан дардларим дув-дув тўкилди.

Раисимиз дув-дув дардларимни илиб-илиб олди:
— Деҳқонқул ака чин айтади, Клара Ходжаевна, — деди. — Бу кўпга келган кўргилик. Ўзбекистон республикамиз бўйича шу охирги икки йилда етти юз эллик уч хотин-қиз ўзига ўзи ўт қўйибди!
— Бу абсурд!
— Етти юз эллик уч хотин-қиз ўзини ўзи ёқибди-я!
— Абсурд, абсурд!
— Худо урсин агар, Клара Ходжаевна, худо урсин агар! Бу ҳақда матбуотда неча марталаб айтди. Қайси бир шоир ғазал ҳам битди.

Идеология пешонамда тик турмиш йигитдан сўради:
— Ким экан у шоир, ўртоқ Мелиев?
— Михаил Дудин, — деди Мелиев.
— Дудин? Оти айтиб турибди — буржуа мафкурачиси!
— Буржуа мафкурачиси эмас, — деди Мелиев.
— Буржуа мафкурачиси бўлмаса, тирноқ орасидан кир излайдими? Шеър ёзаман деса, ана, қанчадан-қанча активистка хотин-қизларимиз бор! Хотин-қизларимиз орасидан иккита космонавт етишиб чиқди. Даже, АҚШда ҳам иккита космонавт хотин-қиз йўқ!
— Йўқ, Дудин ленннградлик шоир, — деди Мелиев.
— Ленинградлик шоир? Ленинградлик шоир Ўзбекистонда хотин-қизлар ёнаётгани билан нима иши бор? Биламиз, совет адабиётида ҳали ҳам ана шундай диссидентлар учраб туради! Диссидент Солженицин каби бадарға этсак, биларди!..
— Дудин катта шоир, Клара Ходжаевна, — деди Мелиев. — Социалистик Меҳнат Қаҳрамони...
— Социалистик Меҳнат Қаҳрамони? Нима деб ёзибди? Эсингизда борми?
— Ким билади, Клара Ходжаевна, — дея минғиллади Мелиев.
— Бу асар районимиз хотин-қизларига тегишли эмас! — деди Идеология. — Районимиз хотин-қизлари морально-устойчивая!
— Районимизда...
— Район номидан гапирманг, ўртоқ раис! Сиз бор-йўғи раиссиз, ўзинпизни билинг! Район номидан биз раҳбарлар гапирамиз!
— Ўзбекистон бўйича етти юз эллик уч хотин-қиз, район бўйича ..
— Яна район, яна район! Районимиз хотин-қизлари морально-устойчивая!

Идеология шаҳодат бармоқни пешонаси нуқиди. Идеология сўзни қалин-қалин айтди:
— Хуллас, Деҳқонқулова... манавиндай!

Идеология аёл одам. Эркак бўлса — ўзим билар эдим!

Шундай бўлса-да — айтгичимни айтдим.
— Катта, — дедим. — Эш борми-йўқми, ишқилиб, кўз очиб дунё кўргандан буён далада ҳалол меҳнат қилди. Этак-этак фарзанд кўрди. Эси бордир-да.

Идеология гапимни корламади.
— Эси бўлса... ўзига ўзи ўт қўядими? — деди. — Шундай бахт-саодатли замонда-я?
— Катта...
— Шундай ҳур замонда-я? Тўқликка шўхлик бу!
— Катта...
— Тўқликка шўхлик бу! Хотин-қизлар эркаклар билан тенг ҳуқуқли бўлса! Эркаклар билан тенгма-тенг меҳнат қилса! Билмайман, хотин-қизларга нима етишмаяпти!
— Катта...
— Капиталистик жамиятдагина одамлар ўз жонига ўзи қасд қилади! Бу бизнинг жамиятимиз учун иллат! Мафкурамиз учун ёт!
— Катта, у бечора ажал билан олишиб ётибди. Ҳали, одам бўладими-йўқми, билмайман. Шундай экан, нима қиласиз, бир бечорани ёмон отлиқ қилиб... Идеология гапимни корламади.
— Эси бўлса... ўзига ўзи ўт қўядими? — дея тўти бўлди.
— Эси бордирки, ўзига ўзи ўт қўйибди! Эси йўқ одам ўз жонига ўзи қасд қиладими? Қилмайди, катта, қилмайди! Боиси— шунга ақли етмайди!
— Ия, ўртоқ Мелиев, бу қандай фалсафа бўлди?:
— Гапни у жигитдан сўраманг, мендан сўранг, катта! Гапни мен гапирдим! Мен фалсафа айтмадим. Мен жигити гап айтдим, жигити! Чин-да, эси кам одамни дунё билан нима иши бор? Эси кам одамни ўз жони билан ўзини нима иши бор? Эси кам одам оғзини очиб юра беради-да, дунё ўзи шундай бўлар экан, деб!
— Хуллас, Деҳқонқулова... шизофреничка! Гап тамом!
— Ким-ким? — дедим.
— Шизофреничка! Ўртоқ Мелиев, шизофреничка деҳқончасига қандай бўлади?
— Псих!
— Йўқ, далачаси-далачаси?
— Телба!..

Тан-жоним қизиди. Қўлларим қалт-қалт этди. Лабларим пир-пир учди.

Жоним ҳалқумимга келди!

Бисотимда бор ёмон сўзларим билан катталарни тутиб сўкайин, дедим.
— Кет, баринг кет! — дея бақирдим.

Катталар қотиб қолди. Катталар бир-бирига қаради.
— Ия! — деди Идеология. — Эрида ҳам борми дейман, ўртоқ Мелиев?
— Ҳа, менда-да бор! Аёлимиз билан лойимиз бир ердан олинган! Бўлдими? Кўнглинг жойига тушдими? Энди, кет!
— Мени сенсираманг, ўртоқ бригадир, мени сенсираманг!
— Кетмайсанми, кетмайсанми?

Теварагим алангладим — бирон нима изладим. Қўлимга маккажўхори пояси илашди. Катталар жойидан туриб кетди. Раисимиз қўлимдаги маккапояга ёпишди.
— Деҳқонқул ака, ай, Деҳқонқул ака! — деди. — Тентак бўлманг!
— Шулардай катта бўлгандан кўра, тентак бўлганим яхши!
— Деҳқонқул ака, эсингизни йиғинг!
— Ушламанг қўлимни, ушламанг дейман!..

Раисимиз қўлларимни кетимга қайирди. Мени ўтиргичга босиб турди.

Катталар кетига қарай-қарай ичкари кириб кетди.

Раисимиз шундан кейингина мени қўйберди. Қўлимдан маккапояни тортиб олди. Холисга отиб юборди.

Раисимиз-да катталар кетидан ичкарилади.

19

Мен пешонамни тиззам қўйдим. Энтикиб нафас олдим.

Қаҳримдан қайтдим. Ҳовуримдан тушдим.

20

Ичкаридан катта дўхтир ташқарилаб келди.

Мен бир вақтлар яхшилик кўрдим — шу одамдан кўрдим. Яхши гап эшитдим—шу одамдан эшитдим.

Шу боис — лик этиб жойимдан турдим. Қўлларимни қовуштириб турдим.

Катта дўхтир елкамга кафт қўйди. Мени жойимга ўтирғизди.

Ўзи-да — қабатим ўтирди. Қўлини қўлим қўйди.

Дўхтир — дўхтирдай дилтанг-дилтанг бўлиб ўтирди.

Ўтирди-ўтирди — қайғудош ҳамроз бўлди:
— Деҳқонқул, —деди. —Тағин, мендан ўпка-гинадор бўлма. Мен бир фақир дўхтирман. Энди... касалингни олиб кетадиган бўлдинг.
— Аёлимизними? Қаёққа олиб кетаман?
— Билмасам, қаёққа олиб кетасан.
— Ё, тузалиб қолдими?
— Қаёқда тузалади, энди келди-ю...
— Унда, қаёққа олиб бораман?
— Ўзинг биласан. Биз биринчи ёрдамни кўрсатиб бўлдик. Энди, касални даволаш керак. Биз даволай олмаймиз. Бизнинг касалхонамиз куйганларни даволамайди.
— Куйганларни қаерда даволайди?
— Куйганлар учун алоҳида касалхоналар бор.

Тошкентда бор. Москвада бор, яқин йўл десанг, Душанбадаям бор. Касалингни олиб кет, биз бошқа сақлаб туролмаймиз. Фақат, тезроқ олиб кет, бўлмаса, кеч бўлади...
— Эб-е, у нима деганингиз? Қаёққа олиб кетаман? Қандай олиб кетаман?
— Билмадим, Деҳқонқул, билмадим.
— Буёғи ура-ура пахта вақти бўлса. Пахта нима бўлади? Ўзи, бу кимдан чиққан аҳмоқлик?
— Уёғини катталардан сўрайсан. Мен бир дўхтирман.
— Қани ўша... катталар?

Забт билан ичкари жўнадим.

Катта дўхтир қўрқиб қолди. Кўзлари катта-катта бўлди. Белимдан қўшқўллаб қучоқлаб олди.
— Ҳай, Деҳқонқул, ҳай! — деди. — Эсингни йиғ! Барака топ, ўтир!

Катта дўхтир мени жойимга қайтариб ўтирғизди. Ҳарсиллаб-ҳарсиллаб нафас олди.
— Ёмон экансан, Деҳқонқул, ёмон экансан, — деди.
— Ўзингиз айтдингиз-ку, катталардан сўрайсан, деб!
— Айтдим-қўйдим-да! Катталарни олдида нима қиласан?..
— Каллапойча қиламан!

Катта дўхтир сесканиб тушди.
— Нима қиласан? — деди.
— Катталарни каллапойча қиламан! Этини бир-ёқлик қиламан, суягини бирёқлик қиламан!..

Дўхтир кўзлари катта-катта бўлди. Қорачиғи камайди — оқи кўпайди!
— Ўйлаб гапираяпсанми, ука? —деди. — Эсингни йиғ, ука, эсингни йиғ!
— Эсимни йиғсам-йиғмасам!..
— Камбағал катталарда нима айб? Дунёда туядан катта филлар бор.
— Бўлмаса, нимага бундай қилади? Ўзига ўт қўйгич бизни аёлимиз бўлса — катталарга нима?
— Сен сиёсатни тушунмайсан, Деҳқонқул, сиёсатни тушунмайсан. Қандай даврда яшаяпмиз — билмайсан...
— Худо берган даврда яшаяпмиз-да, қандай даврда яшардик!
— Ана, айтдим-ку, Деҳқонқул. Ўз отинг ўзинг билан деҳқонсан, деҳқон. Сен шундай дейсан. Катталар эса ундай демайди. Ўз жонига қасд қилиш — исён! Ўз жонига қасд қилиш — даврдан норозилик! Ана, катталар нима дейди!
— Бир бегуноҳ бечорани псих, деди, индамадим. Тентак, деди, индамадим. Энди, касалхонадан чиқариб юбораман, деяптими?!
— Ҳа-да, чиқариб юбор, деяпти-да? Шизофреничка, деб диагноз қўйиб чиқариб юбор, деяпти-да? Мен айтдим, инсоф қилинглар, ахир, дедим. Мен бу аёлни гўдаклигидан биламан, дедим.
— Ўзига ўт қўйгич аёлимиз бўлса, катталар нимадан қўрқади?
— Катталарга амал керак, Деҳқонқул! Сенинг аёлинг керак эмас! Катталарга мансаб керак! Сенинг аёлинг катталарни газагига дори эмас! Аёллар ўз жонига қасд қила берса, катталарни тинч қўймайди! Ишдан олади, партиядан ўчиради! Сенинг аёлингни деб, катталар мансабидан айриладими? Айрилмайди, ўлсаям айрилмайди. Йўлини қилади... Тентакка чиқар, деб буюради. Касалхонага қабул қилма, деб буюради. Бажармайин, мени ишдан ҳайдайди, партиядан ўчиради. Катталар дастидан кун кўролмайман. Мен нима, мен бир дўхтир-да. Чин, қасам ичиб эдим. Лекин туманга катталар хўжайин. Катталар гапи билан иш қилсам... аёлинг-ку, аёлинг... бола-бақраларинг ҳам руҳий касалга чиқиб кетади. Онасида бор эди, дейди.. Авлоддан аждодга ўтади, дейди. Шизофрения деган тамға ёмон тамға, Деҳқонқул. Шунинг учун, кел, сенга бир акалик қилайин. Бир йўли бор. Бундай қиламиз: аёлинг ўзига ўт қўйганини фалокатга йўямиз. Айтайлик, аёлинг газни ёқмоқчи бўлади. Газ бирдан лоп этиб, аёлингни енгига ёпишади.
— Газ? Бизда газ нима қилади?
— Газимиз бор, ана, Обшир қишлоғи адоғидан қувурда ўтиб ётибди.
— Қувурда ўтиб ётса, қайси бир мамлакатга ўтиб кетаяпти-да.
— Ишқилиб, газинг борми, бор-да. Шу газ бизники-да. Қайси бир мамлакатга кетса-да, ишқилиб, бизнинг газимиз-да. Ҳеч бўлмаса, баллон газинг бордир?
— Ўтин бор, таппи бор.
— Хўп, уёғини қўя бер. Газинг бор, деб фараз қиламиз. Кейин... аёл киши эмасми, енгини ўчириш ўрнига, қўрқиб қолади. Эсини йиғиб олгунича ўт ёқасига қараб ўрлайди. Дод деб бақиради. Додини ҳеч ким эшитмайди. Сабаби, ҳамма далада бўлади-да... Бўлди, шу билан катталар тинчийди-қолади. Катталар тинч — олам тинч!
— Майли, нима десангиз майли. Менга аёлимизни тузатиб берсангиз бўлди.
— Мана, мен борман! — дея кўкрак урди дўхтир. — Ўзим даволайман! Аёлинг бор-йўғи олтмиш фоиз куйибди, олтмиш фоизгина! Яхши бўп кетади!

Болаларим кўз ўнгимга келди. Кўнглим бузилди.
— Ишқилиб, болаларимни пешонасига яхши бўп кетса бўлди... — дедим.

Мен кафтларимга йиғладим.

Дардларим кафтларимдан селоба-селоба бўлиб оқди.
— Отдай бўлиб кетади! — деди дўхтир. — Олтмиш фоиз куйик ундай қалтис эмас...

Дўхтир елкам қоқа-қоқа кетди. Мен ўнгирларимга йиғладим.

21

Аёлимиз... одам бўлмади...

22

Субҳи содиқда аёлимиз бошига бордим. Мозор пойида тизза бўлдим.

Мозорни оҳиста-оҳиста туртдим — аёлимизни уйғотдим...
— Ай, мен келдим? — дедим.

Бир сиқим мозор олдим — аёлимиз сочларини ушладим...
— Ай, сенга айтаман? — дедим. Томоғим тўлиб-тўлиб келди...

23

Уй бурчида турмиш бешикбеллик кўзимға ёмон-ёмон кўринди.

Мен энди бешикни нима қилайин? Мен энди бешикка ўзимни белайинми?

Мен бешик қараб турдим-турдим.

Шунда бешик... шунда бешик аёлимиз тобути бўлиб кўринди!

Ичида... аёлимиз ётмишдай бўлди! Баданлари олтмиш фоиз куйиб-куйиб ётмишдай бўлди!

Аёлимиз пичир-пичир мени йўқламишдай бўлди!
— Ҳа, нима дейсан? — дедим. Бешикдан жавоб бўлмади.
— Айт, айтгичингни? — дедим.

Бешик — тобут деса тобут дегудай сукут этди.

Мен оҳиста-оҳиста бешик олдилаб бордим. Энкайиб қўлларимни тиззаларим тирадим. Ўнг қулоғимни бешик тутдим.

Бешикдан овоз бўлмади.

Бешикёпғич бурчидан оҳиста ушладим. Хиёл-хиёл кўтардим. Бешик ичи мўраладим.

Бешикда жон зоти бўлмади.

Бешик кўзимга ёмондан-ёмон кўринди.

Бешикни кўрмайин-да, куймайин-да, дедим,

Бешикни даст кўтариб ташқариладим.

Нарвондан бешик қўлтиқлаб томладим. Бешикни ғўзапоя уюми усти ташладим.

Бешик ғўзапоя ботиб-ғўзапоя ботиб қолди.

Шунда, бешикёпғич шамолда ҳилп-ҳилп этди. Ҳилп-ҳилп эта-эта бешик кетилаб учиб тушди.

Бешикёпғич бир учи бешикқушда илашиб-бешикқушда илашиб қолди.

Бовужуд, бешикқуш борлик бўлди — бешикёпғич ер учиб тушарман-ер учиб тушарман бўлди.

Мен бешикдан қовузни олдим. Оқўрагични олдим. Тагпўшни олдим.

Сумакни олдим. Тувакни олдим.

Барини бешикёпғич солдим.

Шунда, димоғим гуп-гуп шиптир иси туйди.

Мен бешиктебратгичда осилиб турмиш кўзтумор билан тўққизкўз мунчоқни узиб-узиб олдим.

Кўзтумор билан тўққизкўз мунчоқни-да бешикёпғич солдим.

Бешикёпғични ўраб-ўраб бешик жойладим.

Бешик кунда очилиб-очилиб қолди.

Шунда, бешикдаги сонсиз жимжималарга кўзим тушди.

Кўзларим кунда қамашди.

Бешик гуллари бўлса бордир, дея ўйладим.

Тикилиброқ-тикилиброқ қарадим.

Бешикдаги жимжималар бир араби ҳуснихат бўлиб кўринди, бир жимжимадор гуллар бўлиб кўринди.

Бешикда бундайчикин оҳангжамолар йўқ эди — қаердан бино бўлди?

Шу вақт онамиз ҳужрасидан ташқарилади. Кафтини пешонаси соябонлади. Кун қаради. Кун вақтини билмоқ бўлди.

Шунда, мени кўрди.
— Бешикни нимага томга олиб чиқдинг, ерчилим бўлгур? — деди.

Мен миқ этмадим.

Онамиз кафтини пешонаси соябонлаб қарашини қўймади.

Мен айтмасам бўлмади:
— Энди бешик нима керак... — дедим.
— Нимага бешик керак эмас?
— Энди... бўлди, — дедим. Бешик бўлди...
— Шу гапингга номаъқулни нонини ебсан! Олиб туш пастга!
— Энди... бешикни ким тебратади?
— Болаларимни майда энаси кетган бўлса, мана, катта энаси бор! Мана мен — момоси бор! Олиб туш — ўзим бешик тебратаман! Аллалаб-аллалаб бешик тебратаман!
— Майли, олиб тушаман, бора беринг, олиб тушаман.

Мен бешиктебратгичдаги жимжималар тикилдим. Жимжималар нима билан битилмиш бўлди, дедим.

Шаҳодат бармоғим учини ҳўллаб-ҳўллаб артиб кўрдим.

Бир жимжима кўкара-кўкара ёйилди. Билдим — жимжималар кўкқалам билан битилмиш бўлди.

Қош-кўз бўягич кўкқалам бўлса бордир?

24

Аёлимиз бешикка бағир берди. Боласига кўкрак берди.

Боласи чўлп-чўлп эмди.

Аёлимиз боласи бошидан майдагина ойна олди, тўмтоққина қалам олди.

Ойнани бешик узра тутди. Лаби билан қалам учини ҳўллади.

Аёлимиз қошига қалам суртди. Бир у қошига суртди, бир бу қошига суртди.

Бешикдаги боласи миқ-миқ эмди. Аёлимиз турайин деди — бешикдаги боласи кўкрагини қўйбермади.

Аёлимиз бешик михланиб-бешик михланиб қолди. Аёлимиз пешонасили билаклари қўйди. Аёлимиз билакларини, бешиктебратгич қўйди.

Аёлимиз бешиктебратгич битди:

«Ў-ўй, ичим куяяпти, ичим ёнаяпти».

«Ичимда бир нима қимирлаяпти».

«Ў-ўй, бошим айланаяпти».

«Дунё кўзимга қирмиз-қирмиз бўлиб кўринаяпти».

«Қирмиз-қирмиз... думалоқ-думалоқ»...

«Ў-ўй, эртага даладан жавоб берса бўлмайдими?».

«Бошимни ювиб олсам деб эдим».

Аёлимиз иккиқат бўлди.

Бешикдаги боласи сутдан қолмайин иккиқат бўлди!

Аёлимиз ипакдайин майин бўлди. Аёлимиз ипакдайин сузик бўлди.

Кечалари бир ўнг ёғига ўнгарилди, бир чап ёғига ўнгарилди.

Аёлимиз кун санади. Аёлимиз тун санади. Санай-санай тонглар оқлади.

25

Кун ёнгандан-ёнди.

Дала кундан-да ёнди.

Кун калла қайнатди, кун товон куйдирди.

Аёлимиз даладан бош олиб кетайин, деди — кетолмади.

Бола азиз бўлди, ғўза боладан-да азиз бўлди!

Аёлимиз шийпон деворига елка бериб ўтирди. Юзларини осмон тутди. Кўзларини юмди. Оғзини каппа-каппа очди.

Мен елкасидан оҳиста туртдим.

«Ай, нима бўлди?» — дедим.

Аёлимиз кўзларини очди. Тиззаларини ёпди.

«Бошим айланаяпти, — деди. — Қоним кам».

«Унда, сув ич».

Аёлимиз далалар узра жимир-жимир этмиш ҳилга термулди.

«Қирмиз-қирмиз... Думалоқ-думалоқ»... — деди.

Мен қўлимда ўйнаб юрмиш ғўза гулини аёлимизга узатдим.

«Мана! — дедим. — Қирмиз-қирмиз... думалоқ-думалоқ... гул!»

Аёлимиз қўлимни қайтариб ташлади.

«Бундайчикин эмас», — деди.

«Бўлмаса, қандайчикин? Шу гул яхши-да. Идора олдидаги атиргуллар бўлмайди! Ҳиди бўлган билан — маҳсулоти йўқ! Ғўзагул маҳсулдор гул — ҳосил беради!

«Одамни кўп майна этмасин».

«Майна этаётганим йўқ. Ойнаижаҳон билан киноларда-да аёлига гул беради-ку?»

«Ойнаижаҳон билан кинолардаги одамлар қорни тўқ одамлар. Гул қорни тўқларни эрмаги. Гулни еб бўлмайди»...

«Бўлмаса, қирмизи думалоғинг ниманг?»

Мен жўрттака шундай дедим.

Билдим — аёлимиз қирмизи олма, деди. Билдим — аёлимиз қирмизи олмага ерик бўлди!

Далада қирмизи олма нима қилади? Қирмизи олма Денов бозорида бўлади! Денов бозори эса қирқ чақиримча келади! Қачон бораман, қачон келаман?

«Аёл бошим билан икки марта бордим».

«Бир сўрадим — пул йўқ деди, икки сўрадим — пул йўқ, деди».

«Сўғин — бормадим ҳам, сўрамадим ҳам».

«Одамга бет ҳам керак-да».

«Бу киши бўлса, нафақани сен сўра — сен энасисан», дейди».

«Шу 4 сўмни сўрагани бетим чидамайди, дейди».

«Эркак бўп туриб, бу кишини бети чидамаганда, аёл бошим билан мени бетим чидайдими?»

«Аёлга-да бет керак».

«Бу киши айтади — ўнинчи болага 12 сўм 50 тийин нафақа беради, дейди».

«Бу киши айтади — ўнинчи боладан кейин бораман, дейди».

«Бу киши айтади — 12 сўм нафақа бер, дейишга тил боради дейди, бет чидайди, дейди».

«Мен ўнинчи болани қаердан оламан?».

«Бола беш ёш бўлса — шуниям бермайди, эмиш».

«Унда... бола беш ёшдан кейин нима ейди?»

Тагтахта адоғидаги беш-олтита битикни ўқиб бўлмади.

Аёлимиз адоқ битикларни битаётиб кўзи кетдимикин? Ё, кенжамиз аёлимиз кўкрагини ёмон-ёмон тортдимикин?...

Таг-тамал битикларни ўқиб бўлди:

«Дунёга келиб нима кўрдим?»

«Бешик кўрдим».

«Дунё кўриб нени кўрдим?» «Ғўза кўрдим, пахта кўрдим». «Кун кўрдим — ғўза кўрдим». «Тун кўрдим — бешик кўрдим». «Бешик мозорим бўлди, дала мозористоним бўлди».

Саккизинчи боб

1

Ғўзаларим ост-остларидан очилди.

Ғўза нима учун ердан чиқмиш бўғзи олдидан очилади?

Ғўза ер озиқ-қувватини ғўзаучлаб-ғўзаучлаб тортади. Ғўза ер қувваи қудратини қуёшлаб-қуёшлаб кўтаради.

Оқибат — ғўза ост-ост шохлари озиқсиз қолади. Ғўза ост-ост шохлари қувватсиз қолади.

Охир-оқибат — ғўза айнан ана шу ост-ост шохидан очилади. Майда-майда очилади. Ғозсиз-ғозсиз очилади.

2

Ғўзаларим уч-учларидан очилди.

Ғўзауч пахталар-да остшох пахталардай бебарокат-бебарокат лахта бўлади.

Ғўзауч пахталар-да остшох пахталардай бебарор-бебарор пахта бўлади.

Боиси — қоқбел кўсаклар уч-уч кўсакларга оз-оз ер озиқ қияди. Қоқбел кўсаклар уч-уч кўсакларга кам-кам ер қувват қияди.

3

Ғўзаларим қоқ белидан-қоқ белидан очилди.

Қоқбел кўсак ерда бор озиқ-қувватни тортиб олади. Қоқбел кўсак ерда бор куч-қурбни ўзида олиб қолади.

Шу боисдан қоқбел кўсак пахтамисан-пахта бўлади!

Қоқбел кўсак барорли-барорли пахта бўлади. Қоқбел кўсак тарози босажак-тарози пахта бўлади.

Деҳқон кунига-да ана шу қоқбел кўсак ярайди! Шу боисдан-да, қоқбел кўсакни деҳқонкўсак, дейдилар!

4

Ғўзабарг сариқ-сариқ бўлса, дори рисоладагидай барг тўкмайди.

Ғўзабарг қуруқ-қуруқ бўлса, дори бинойидай барг тўкмайди.

Шу боис, миробдан сув сўрадим.
— Оқар сув тамом бўлди, — деди мироб. — Энди, сув омбордан сув бераман-да.

Сув омборда сув йиллаб кўллаб-кўллаб ётади. Йил мобайнида лойқа сув остилаб чўкиб-чўкиб қолади.

Сувни сув этгич ана шу лойқа бўлади.

Ана шу лойқасиз сув билан суғорилгич ғўза йигирма кун ҳаяллайди.

Ана шу лойқасиз сув билан суғорилгич ҳосил ўттиз-қирқ фоиз камаяди.

Ғўзаларим у даврдан ўтди — ғўзаларимга энди оти сув бўлса бўлди.

Мен далаларимни омборсув билан оқар-оқмас сувлаб олдим.

5

Дориланмиш ғўза тағин қайтиб кўсак тугмайди. Ёмондан-ёмон— дори бор кўсакларни-да қовуриб-қовуриб ташлайди.

6

Мен кўсакларим мўл-кўл очилишини қарадим. Ниҳоят — олтмиш фоиз кўсагим очилиб бўлди.

7

Тонг саҳарда трактор кетига ўн тўртинчи тўрт-бурчак ускуна тақдим.

Ускунада иккита юм-юмалоқ идиш бўлди.

Мен ҳар идишга юз эллик кило-юз эллик килодан уч юз кило дори солдим.

Дорилашдан олдин сут ичиб олишим қарз ҳам фарз бўлди.

Молимиз илла бир кади сут беради — шуни-да мен ичиб олсам, болалар нимани ичади?

Мен сут ўрнида яхдай сув ичиб олдим.

Коржома кийдим. Кўзойнак тақдим. Оғиз-бурнимга заҳарниқоб тақдим. Қўлқоп кийдим.

Трактор кабинасини маҳкамлаб-маҳкамлаб ёпдим.

Тракторни биринчи тезликда ҳайдадим.

Мен саҳармардонда далаларимга заҳар бердим.

Мен тонглай-тонглай далаларимни заҳарладим.

Пуркагич насосларни ўнглаб-ўнглаб дала заҳарладим.

Пуркагичлар бирваракай йигирма-йигирма тўрт эгатга сариқ-сариқ заҳар пуркади.

Цилиндрни олтинчи рақамга қўйиб-қўйиб дала заҳарладим.

Насос босимини ошириб-ошириб дала заҳарладим.

Мен бир гектар даламга тўрт кило қўлансадан-қўланса заҳар бердим. Аччиқдан-аччиқ заҳар бердим.

8

Тонг тўркади.

Боботоғ узра кун шафақланди. Тонг-тонг шудринглар ол-ол шафақларда кетди. Мен дала заҳарлашдан тийила қолдим — бешудринг барг заҳарни тан олмайди!

9

Кун олис бошим айланди.

Кун олис кўзим ёшланди.

Кун олис ичак-қорним томоғимда бўлди.

Ғарра-ғарра қусишдан армоним қолмади.

10

Салқинтоб-салқинтоб оқшом қўнди. Мен тағин дала заҳарладим. Ғўзаларим туси ўчди. Ғўзаларим сал-сариқ бўлди. Ғўзаларим энтикди. Ғўзаларим ҳансиради.

11

Бутифос барг қовжиратиб-барг қовжиратиб ташлади. Бутифос барг қовуриб-барг қовуриб ташлади.

Бутифос чала-чала барг тўкиб бошлади.

Бутифосда бор-йўғи битта хосият бўлди — бутифос хом кўсакка зиён бермади.

Хом кўсак бодраб-бодраб очила берди.

12

Заҳар-заққум бутифосдан ўзга дори қуриб қолиб эдими?

Бутифосдан ўзга-да барг тўкажак дорилар мўл-кўл бўлди.

Масалан, калций цианимид дегич зиён-заҳматсиз дори бўлди. Магний хлорат дегич ҳид-бўйсиз дори бўлди.

Магний хлорат бутифосдан самарали-самарали барг тўкади. Магний хлорат бутифосдан авло-авло барг тўкади.

Аммо магний хлорат хом кўсакка зиён беради.

Магний хлорат зиён бермиш хом кўсак учлари қизил бўлиб қизил бўлмайди, сариқ бўлиб сариқ бўлмайди.

Гулоби-гулоби ранг бўлади!

Гулоби ранглари бошидан қолсин — тўрт мисқол кўсак икки мисқол бўлиб қолади! Серфазилат тола бефазилат бўлиб қолади!

Магний хлорат бутифосдан арзон-да тушади.

Бир тонна магний хлорат икки юз тўқсон сўм туради.

Бир тонна бутифос икки минг эллик сўм туради!

Унда, катталар нима учун заҳар-заққум бутифос сеп, дейди?

Бутифос хом кўсакни омонлайди, магний хлорат хом кўсакни заволлайди!

Ё, эл-юрт, ё, кирим!

Катталар бот-бот кўсак очилишни ўйлади.

Катталар қайта-қайта пахта терилишни ўйлади.

Катталар қишгачайин пахта терилишни ўйлади!

Ё, эл-юрт, ё кирим!

Катталар киримни танлади!

13

Одам тонг саҳарда ароқ ичса нима бўлади?

Одам пиёниста бўлади.

Далаларим-да ана шу одам мисол пиёниста бўлиб қолди.

Одам толтушда тамаки чекса нима бўлади?

Одам банги бўлади.

Далаларим-да ана шу одам мисол банги бўлиб қолди.

Одам намозшомда наша чекса нима бўлади?

Одам нашаванд бўлади.

Далаларим-да ана шу одам мисол нашаванд бўлиб қолди.

Энди, ана шу оғулар барини бир одам танаввул этса нима булади?

Одам пушти куйиб кул бўлади. Одам насл-насабсиз бўлади.

Далаларим-да ана шу одамдай бўлиб қолди!

14

Баданда жон бор — қилмиш-қидирмиш бор.

Қилмиш-қидирмиш бор — жиноий модда бор.

Одам бирон иморатга зиён берса — фалон моддага биноан жавобгарликка тортилади. Одам бирон техникага зиён берса — фалон модда бўйича қаматилади. Одам бировни урса — фалон моддага биноан кесилади.

Нима учун одам ерни заҳар дорилайди — аммо жавобгарликка тортилмайди?

Нима учун одам ерни заҳарлаб хўрлайди—аммо жавобгарликка тортилмайди?

Дунёда кўп-кўп эмиш-эмиш эшитдим. Аммо ер заҳарлаб жавобгар бўлибди, дегич эмиш эшитмадим.

Ер қариди. Ер пушти куйиб заҳар-заққум бўлди. Ер кўкси куйиб кул бўлди —ер тақдир пешонасидан кўриб ёта берди.

Ер ўз дардини айтайин деди — ерда тил бўлмади.

15

Бозорни яхши кўраман!

Ноз-неъматлар товлана-товлана туради. Ширин-шакарлар боллана-боллана туради. Аччиқ-чучуклар бўйлана-бўйлана туради.

Ноз-неъматлардан кўзим тўяди. Ширин-шакарлардан кўнглим тўяди.

Бозорда еганим олдимда бўлади, емаганим кетимда бўлади!

Мен бозорда беҳиштда юрмишдай-беҳиштда юрмишдай бўламан.

Мен олмасам-да — нарх-навони сўраб-суриштираман.

Мен емасам-да— қирмизи олмани кафтимда салмоқлаб-салмоқлаб кўраман. Искаб-искаб кўраман.

Қирмизи олмадан кафтларим роҳатланади. Қирмизи олмадан димоғларим ҳузурланади.

Мен дунёда борлигимдан шукурланаман!

16

Аммо... бозорда бир айб бўлди.

Бозор айби... нарх-навоси ёмон бўлди! Ў-ў-ў, ёмон-ёмон бўлди!

Боботоғ пистаси ўн беш сўм бўлди. Вахшивор ёнғоғи тўққиз сўм бўлди. Дашнобод анори беш сўм бўлди.

Тошдан қиммат-тошдан қиммат нарх-наво бўлди!

Нима бўлса бўлди — баридан бир килодан олдим.

Икки дона анор бир кило келди.

Мен анор салмоқлаб-анор салмоқлаб ўйладим: дастурхонга иккитагина анор қўйса бўлмайди. Катта меҳмонлар нозиктаъб бўлади. Ўл-е, бор-йўғи иккита анор қўйибди-е, дейди.

Шу боис, тағин бир кило анор олдим. Жами тўртта катта-катта анор бўлди.

Дастурхонда тўрт бурч бўлади. Ана шу тўрт бурчига биттадан тўртта анор қўяман.

Дастурхоним бинойидай-бинойидай дастурхон бўлади!

Мен анор пулини санадим. Ич-ичимдан қиринди ўтди. Бармоқларим қалт-қалт этди.

Бир пул қарадим, бир анор қарадим — тўртовгина анор учун ўн сўм тўлагим келмади.

Қўлларим қалт-қалтини билинтирмайин дея, анор пулини қўшқўллаб ушладим. Анорчига қўшқўллаб узатдим.

Аммо анорчи билди — мийиғида кулди.
— Дашнободи анор, пулингиз ўзингиз билан кетади, — деди.
— Яхши анорликка яхши анор...

Мен бир анор бир меҳнат кунига тушаяпти-да, дегим келди — деёлмадим. Анорчини олдида паст кетгим келмади.
— Дашнободи анорлиги учун олдим-да, — дедим. Анорчи қўлини кўкси қўйди.
— Қуллуқ, ош бўлсин! — деди.

Анорга мени оғзим тегармиди? Теккан билан анор ош бўлармиди?..

Шунда, қишлоқдошимиз Қаюм қоровул келиб қолди.
— Қани, Деҳқонқул, бозорлабсан-да? — деди.
— Ҳа, тирикчилик.

Қаюм қоровул бир тўрхалта бозорлигимга сер солди. Хиёл кўз олайтди. Бир менга қаради, бир бозорлигимга қаради.
— Тинчликми, Деҳқонқул? — деди.
— Тинчлик, осойишталик.
— Мабодо кайфинг йўқми?
— Умримда оғзимга олмаганман, Қаюм ака. Нима эди?
— Бозорлигингни кўриб айтаман-да. Кайфи йўқ одам ҳам шундай бозорлик қиладими?
— Дастурхонни ободи-да, Қаюм ака.
— Дастурхон ободи учун ол, эви билан ол-да. Бундайин бозорлик учун мендайин деҳқон бир ой терлайди!
— Ўзимдайин деҳқон-да шу, Қаюм ака, ўзимиздайин деҳқон-да шу.
— Манави пистами? Ўн беш сўм-а? Ё, пирим-е, ё, пирим-е! Нарх-навони Худо урмади — мен қутулмадим! Ҳали шу яқинда писта чаққанимни эслай олмайман. Шу қишдаги бир тўйда беш-олтита чақиб эдимми, билмайман.
— Сиз шу қишда чақибсиз экан, мен қачон писта чаққанимниям билмайман. Энди, меҳмон атойи худо, Қаюм ака. Ўзбакчилик — ўзбакчилик.
— Ўлма! Шу гапдан қолма, Деҳқонқул, кам бўлмайсан!
— Шу теваракни меҳмони бўлса гўрга эди. Московдан меҳмон келаяпти, Масковдан. Бари нозик меҳмон. Раисимиз айтди.
— Меҳмон келган уйдан барака аримайди, Деҳқонқул, барака аримайди. Меҳмон ризқи ўзидан олдин келади, дейди. Масковчи меҳмон бўлса, унда, бундай қил: бозорга хурмо кирибди. Ҳай, анави ерда сотаяпти, ҳайла!
— Қани-қани?
— Ҳайла-ҳайла, қозоншляпа савдолашаяпти. Ана шу хурмодан бир-икки кило ол. Масков ёқларда хурмо ўсмайди. Меҳмон ош деб келмайди. Меҳмон меҳмон-да — ҳавасаки ейди-да.

Қаюм қоровул айтмиш қатор-қатор хурмолар олдилаб бордим.
— Хурмо қанчадан бўлди? — дедим.
— Уч сўмдан, — деди. Хурмоларни ушлаб-ушлаб кўрдим.
— Хурмо қаерники? — дедим.
— Субтропикники, — деди.
— Суптропикникидан бир кило тортинг қани. Субтропик боғ шундай олдимизда. Даламиздан йигирма чақирим келади,

Бозор дарвоза олдидан икки чўнтак майдаписта олдим.

Қамбағал Қулмат — дардманд!

Дўхтир кўриб, витамин етишмайди, деди. Бир даста дори битиб берди.

Денов дорихонасидагилар битикларни кўрди-кўрди — биттасиям йўқ, лекин бўп туради, тез-тез хабар олиб туринг, деди.

Мен айтдим: витамин ғўза эдимидики — тез-тез хабар олиб тураман, дедим.

Тағин қайтиб бормадим.

Дардманд Қулматимиз ингиллади:
— Ота, помидор беринг! — деди.

Мен ҳайронландим — тўрхалтада помидор йўқ бўлди.
— Помидор? Қани помидор? — дедим. Қулматимиз қўли билан хурмони кўрсатди. Э, тавба-е, ўғлимиз хурмони танимади!

Э, тавбангдан-е, ўғлимиз хурмони таниёлмади! Мен палағдароқ бир хурмо олиб бердим.
— Ма, бу помидор эмас, — дедим. — Бу хурмо, ҳа, хурмо!

Деразадан Денов тарафни кўрсатдим.
— Ҳай, анави қуюқ дарахтзор бор-ку, ана шу субтропик боғ, — дедим. — Субтропик боғда хурмо ўсади, бизни далада ғўза ўсади!

Ошхона занжирлаб ташқариладим.

Оғилхона айланиб қарадим.

Ўзи, бисотимда учовгина қўйим бўлди. Иккови совлиқ бўлди. Бирови сўйиб сотиш учун боқилиб ётмиш қўй бўлди.

Ана шу қўй масковчиларга насиб этажак бўлди.

Мен масковчи меҳмонларга сўйилажак қўйимни қарадим. Думбасини чангаллаб-чангаллаб қарадим.

Қўйим ориқ бўлди, сўйишга арзигич гўшт қилмагич бўлди.

18

Оғилхона олдида кафтимни пешонам соябонлаб кун қарадим.

Шунда, ошхона деразасидан бир нима лип этиб тушди.

Ё, қоғоз, ё, латта учиб тушди, дея ўйладим.

Лип этиб тушмиш нима чолиб кетди.

Мушук бўлса керак-ов дея, тикилиб-тикилиб қарадим: Нодир ўғлимиз пириллаб чопиб бораяпти. Билдим— ошхонадан бир нима олиб қочди.
— Ў-ў-ў, қайт! — дея бақирдим.

Нодир ўғлимиз қайтмади. Қуюндай-қуюндай чопди.

Мен изидан қувиб кетдим.

Бола бола-да — дарров ҳолдан тойиб қолди.

Мен етиб олиб елкасидан ушладим.

Ўғлимиз елкасини силкиб олиб чопаман дея, бети билан йиқилиб тушди. Тупроқда юзтубан ётиб олди.

Ўғлимиз бир нимани бағрига босиб йиғлади. Оёқларини типирчилатиб йиғлади. Ер тепиниб йиғлади.

Тупроқ чангиб-чангиб қолди.

Ўғлимиз йиғлай-йиғлай — охири ҳолдан тойди. Ўпкасини босолмай ҳиқ-ҳиқ нафас олди.

Ўғлимиз қалт-қалт этди. Елкалари пир-пир учди. Боши сарак-сарак бўлди.

Бола қўрқди!

Кўзини оҳиста очди.
— Тур, уйга юр, — дедим.

Ўғлимиз ингиллади. Кўзини тағин юмди. Юзини ер қўйди.

Ўғлимизни бир ёнига ағдардим. Нима экан дея, бағрига қарадим.

Ўғлимизни бағрида икки дона хурмо бўлди.

Ўғлимиз хурмоларни тағин-да бағир босди. Ер тепиб-ер тепиб йиғлади.
— Бермайман, йўқ, бермайман! — деди. Ўғлимизни даст кўтариб қўлтиқлаб олдим. Ўғлимиз қўлтиғимда тепкилаб йиғлади. Билакларимни тишлаб йиғлади.

Ёш болани тиши ёмон-да — билакларим ачишиб оғриди.

Бир амаллаб ичкари олиб кирдим. Оғзига тарс эткизиб бир урдим.

Жони ёмон-ёмон оғриди шекилли — оғзини ушлаб-ушлаб йиғлади.

Ана шунда хурмолар ер тушди. Хурмолар юмалаб-юмалаб жўнади.

Мен хурмоларни ушлаб-ушлаб келдим.

Ҳамсоя-қўлларникидан онамиз келди. Оғзини ушлаб ётмиш ўғлимизни ердан кўтариб олди.

Шунда, ўғлимизни оғзи бурнида қип-қизил қон кўрдим.

Онамиз ўғлимизни ер энкайтирди. Кафти билан оғзи бурнини артди.
— Ҳа, қўлинг синсин-а, шугина норасидани урган қўлгинанг синсин-а! — деди.

Онамиз теварак аланглади. Тандир олдида ётмиш темир косовни олиб отди.

Мен энкайиб қолдим — косов устимдан ўтиб кетди.

Онамиз ердан бир сиқим тупроқ олди. Ўғлимизни оғзи бурнини артди. Дока рўмоли учидан йиртиш олди. Йиртишни юмалоқлаб ўғлимизни бурнига тиқди.
— Бола сенга нима қилди-а, норасида бола сенга нима қилди-а? — деди.

Мен қўлимдаги хурмоларни кўрсатдим.
— Манавини қаранг, шуни олиб қочди! — дедим.
— Шугина учун норасида болани оғзи бурнини қон қиласанми, ерпарчин бўлгур?
— Ўйнаб қўяй шугинадан, шугинани килоси уч сўм туради!
— Шу икковгина хурмога-я? Ҳа, қирчинингдан қийилгин, қирчингинангдан қийилгин!
— Икковгина бўлган билан салкам бир кило келади!
— Бир кило келса нима бўпти? Ҳа, хурмоларинг бошингдан қолсин, бошгинангдан қолсин!
— Эртага меҳмон келса, олдига нима қўяман? Бировини буниси еса, бировини униси еса, меҳмонлар нимани ейди?
— Нима, меҳмонлардан хурмо қарзинг борми, ер-чилим бўлгур?
— Қарзим йўқ, эна, қарзим йўқ. Лекин меҳмон атойи Худо-да. Меҳмон отадан улуғ-да. Меҳмонлар олдида ким деган одам бўламиз?
— Унда, мўлроқ ол эди...
— Хурмони пулга беради. Энам айтди деган билан бермайди.
— Бола бола-да, кўнгли кетади...
— Катта меҳмонлар инсофли бўлади, эна. Назари тўқ одамлар бўлади. Барини еб қўймайди! Дастурхонда қолдиради! Меҳмонлардан қолса — болалар ейди-да!

Гапим маъқул бўлди шекилли — онамиз ўғлимизни ичкари етаклаб кетди.

Мен хурмоларни енгим билан артиб-артиб олдим. Жойига олиб бориб қўйдим.

Жовуз доналарига қараб ўтириб-ўтириб... оғзимни суви қочди! Беихтиёр қўл узатдим.

Узумдан беш-олти дона олсам — узумбош лош-лош бўлиб қолади. Узумбош чумчуқ чўқилаб ташламишдай-чумчуқ чўқилаб ташламишдай бўлиб қолади.

Оқибат — меҳмонлар олдига қўяр ҳоли қолмайди.

Мен узумдан қўл тортдим.

Ошхонани ташқаридан қулфладим.

Очиқ деразадан ичкари мўраладим.

Ўғлимиз уйқуда бўлди. Бурунлари тиқиғлиқ оппоқ дока қип-қизил бўлди.

Ўғлимиз оғзини каппа-каппа очиб энтикди. Бир чапи ўнгарилди, бир ўнги ўнгарилди. Кўрпасини тепкилаб-тепкилаб туширди.
— Хурмо, ота, хурмо!.. — дея уйқусиради.

19

— Шу... меҳмонлар неча киши ўзи, раис бова? — дедим.
— Ҳозир санаймиз-да. Битта режиссёр, иккита оператор, битта комментатор. Жами бир машина. Аммо одатимизни биласиз: юқоридан бир машина катта келса, пастдан икки машина катта ҳамроҳ бўлиб келади.
— Ўйнаб қўяй, меҳмондан, ўйнаб қўяй. Масаласи осон экан. Шу... бозордан қўй гўшт олсам бўлмайдими, раис бова?
— Ажаб одамсиз-да, Деҳқонқул ака. Киночилар бизни олдимизга очидан ўлиб келаётгани йўқ. Меҳмон ош деб келмайди. Қўй обрўй-да. Кимсан — катта бир хўжаликни машъал бригадири! Семизликни қўй кўтаради, Деҳқонқул ака.
— Чин — қўй кўтаради. Чин — мен кўтараман.
— Сиз ҳам семизликни кўтаринг-да.
— Кўтараман, раис бова, кўтараман. Семизликни—қўй кўтаради. Семизликни — мен кўтараман.
— Ҳа, бали! Қўй нима деган гап?
— Чин, қўй қўй-да. Шу, болаларни қишга уст-боши йўқ эди, раис бова. Борлари-да йиртиқ-ямоқ эди. Шу қўйни боқиб-боқиб, болаларга уст-бош олиб берсам деб эдим. Қўйда ҳали сўйгулик ҳол йўқ.
— Майли, майли! Қўй сўйилди оти бор, қўй сўйилди! Болаларга уст-бошни эса... давлат пахта терим учун мана-мана пул бераман, деяпти. Ана шундан олиб берасиз.
— Майли, раис бова, майли. Қўй бўлса қўй-да.
— Ҳа, яшанг! Ким айтади сизни ўзбак деб? Ўзбак ўзи емайди, ўзи ичмайди — бор топганини меҳмони олдига қўяди!
— Майли, қўй бўлса қўй-да, майли.
— Авлод-аждодлар... урф-одатлар... ўзбакчилик... дегандай. Ўзбакни қониқиб меҳмон кутгани — подшо бўлгани!
— Хўп, раис бова, хўп.
— Кино бўласиз, кино! Тарихда қоласиз, тарихда!
— Тавба қилдим, раис бова, тавба қилдим.
— Ўзбакни қониқиб меҳмон кутгани — подшо бўлгани! Бир подшо бўлинг, Деҳқонқул ака!
— Шундай бўлайин, раис бова, шундай бўлайин!

20

Норбой чавандоз отини олиб келди. Ҳовлимиз юзаси арқонлаб кетди.

Чори магазин мудир «Волга» машинасини олиб келди. Бўсағамиз қўйиб кетди.

Онамиз сув сепа ҳовли супурди.
— Энди... болаларни уст-бошини қайтасан? — деди.
— Давлат пахта терим учун ана-ана пул берарман эмиш. Шу пулни оламан-у, уст-бош учун Денов чопаман.
— Шу, каллапойча қилайин қўйни эртароқ пулла, дедим...
— Қўя беринг, эна, қўя беринг. Бу кунлар ўтади-кетади — кино бўлганимиз ёнимизга қолади!

Онамиз мол-ҳолни кўз кўринарли ер қантарди.
— Уямас-да-буямас — тақдир-пешона! — деди.
— Эб-е, тақдир-пешонамизга нима қилибди, эб-е? Мана, кино бўлиб тарихда қолаяпмиз! Бу кунлар ўтади-кетади — тарихда қолганимиз ёнимизга қолади!
— Қарғиш урган одамни пешонаси ана шундай бўлади.
— Энани қарғиши болага урмайди. Эна, энани қарғиши болага урмайди. Оғзингизни тўлдириб қарғай беринг — барибир қарғишингиз менга ўтмайди!

Онамиз товуқлар кўз кўриниб донласин учун — сўри гирдилатиб дон сочди.
— Сени мен эмас — сени Худо қарғаган.
— Худо қарғаган? Эб-е, мен худога нима ёмонлик қилдим-е? Худо нима деб қарғаган-е?
— Худо, илойим, шу ўзбак дегични топгани азиз меҳмонига буюрсин, деб қарғаган!

21

Кун кўтарилди.

Дарвозамиз олдида узундан-узун автобус бел бўлди.

Автобусдан уч-тўртта бўзбола тушди.

Бўзболалар пахмоқсоч бўлди. Қора кўзойнакли бўлди. Соқолдор бўлди.

Бўзболалар дарвозамиз олдида аппарат жойлаштирди. Аппаратларини ҳовлимиз қаратди.

Остонада Идеология билан раисимиз қора берди.

Мен бор бисотимни кийиб пешвоз бордим.

Онамиз Сталин замонида теримчилиги учун олган кўйлагини кийиб пешвоз келди.

Мен улар билан қўл бериб кўришдим. Қучоғимни катта очиб:
— Қани, марҳамат, хуш келибсизлар! — дедим. Идеология билан раисимиз эгилиб-эгилиб кўришди. Тантанавор-тантанавор кўришди.

Аппаратлар шир-шир сурат олиб турди.

Мен меҳмонларни эргаштирдим. Бутун ҳовли юзини кўз-кўз этдим.

Сўри олдида оёқ илдим. Кулимсидим. Қўлимни кўксим қўйдим. Меҳмонларга тавозе этдим.

Микрофон судраб юрмиш жингаласоч бўзбола ўртани олиб гап бошлади:
— Ўзбек хонадони! Бу сўзда олам-олам маъно бор! Ўзбек хонадони демак —«Волга» машина демакдир! Ўзбек хонадони демак — қорабайир от демакдир! Ўзбек хонадони демак — сурув-сурув қўй-қўзи демак, мол-бузоқ, етти хазинанинг бири демакдир! Шундай эмасми, раис бобо?
— Ҳа, — деди раисимиз, — хўжалигимизда уч мингдан зиёд хонадон бор! Ҳаммаси худди мана шу кўриб турганингиздай тўқ, фаровон хонадонлар! Хонадонларимизда етти хазинадан тортиб машинагача — ҳамма-ҳамма нарса муҳайё!
— Деҳқонқул ака, мана, сиз шу хонадон соҳиби экансиз, ноўрин саволим учун афв этасиз: иш вақтида уйда нима қилиб ўтирибсиз?
— Соат эндигина саккиз ярим бўлди, — дедим. — Иш бошланишига ҳали ярим соат бор.
— Демак, ишларингиз тўққизда бошланар экан-да?
— Ҳа, ишимиз роппа-роса тўққизда бошланиб, роппа-роса олтида тамом бўлади.
— Демак, ҳозир...
— Ҳозир оила аъзоларимиз билан маданий ҳордиқ чиқариб ўтирибмиз.
— Далага бораверсак ҳам бўлар, боргунимизча иш вақти ҳам бўлиб қолар?
— Иш вақтига ҳали ярим соатча бор-у, майли, бир марта эртароқ борсак борибмиз-да!

Аппаратлар дарвозадан чиққунимизга қадар сурат олди.

22

Машиналар далалаб келди.

Онамиз қалб амри билан пахтакорларга ёрдам бергич онахон бўлиб сурат тушар бўлди.

Режиссёр онамиз билан хўп ҳам кўп машқ олди.

Онамиз кўрак тергич онахон бўлиб йўл белида турди.

Жингаласоч чучуксўз-чучуксўз бўлди:
— Субҳидам!.. Оппоқ сочлари ўзига ярашған мунис онахон йўл бўйлаб келмоқда. Бўйнига этак боғлаб олган. Энгашиб, тупроқдан бир нималарни олади, пуф-пуфлаб, хас-чўплардан, чанг-ғуборлардан тозалайди. Сўнг, онахонларга хос бир меҳрибонлик ила этагига авайлабгина солади.
— Ассалому алайкум, онахон! Йўл бўлсин, онахон?

Мунис онахон она ердан, она тупроқдан бир дам бўлса-да, кўзларини узмади. Етмишни қоралаган, аммо чарчаш нималигини билмаган қадди-қоматини кўтарди. Енги ила юзларидаги ҳалол меҳнат терини артди. Меҳнат гаштидан теваракка завқ ила боқди. Мунис кўзлари порлади.
— «Оқ олтин» тераяпман!

Мунис онахон ғурур ва фахр ила шундай деди-да, яна йўлдаги трактор изларини титкилади, тупроқ ковлади.
— Онахон, исми шарифингиз, касб-корингиз? Онахон камтарлик ила жавоб берди:
— Исми шарифим — Пахтахон! Пахтаой десангиз ҳам бўлади! Касб-корим — пахтакор!
— Пахтахон! Пахтакор! Мунис онахон бу гапи ила ўзини жисман ҳам, исман ҳам— пахтаман, демоқчи! Нақадар доно ўхшатиш!

Пахтакор онахон жиддий бўлиб қўшиб қўйди:
— «Оқ олтин» нондек табаррукдир. Нон ушоғини ерда қолдирмаганимдек — бир тола «оқ олтин»ни ҳам ерда қолдирмайман!

23

Режиссёр ўнгён чўнтагимлаб «Правда» солди, чап-ён чўнтагимлаб «Совет Ўзбекистони» солди. Рўзнома номларини кўз кўринарли-кўз кўринарли этиб жойлади.

Режиссёр тап-тап елкам қоқди.
— Барра калла, барра калла! — деди. Елкамдан гуп-гуп чанг ўрлади. Елкамдан оппоқ-оппоқ чанг ўрлади.

Режиссёр афт бурди, режиссёр кафт билан чанг қувди.
— Фу, фу!.. —деди.

Режиссёр чанг қаердан ўрлади демишдай — бир ўнгимдан қаради, бир чапимдан қаради, бир ер қаради.
— Елкасидан чанг кўтарилди, елкасидан! — деди раисимиз қула-кула.
— Елка? — анграйди режиссёр.
— Ҳа, елка! — деди раисимиз. — Ер нима — деҳқон елкаси нима?

Режиссёр тағин елкам қоқди.
— Барра калла, барра калла! — деди. Режиссёр елкам қоқа-қоқа мени машина тараф жўнатди.

Мен йўл-йўлакай раисимиздан сўрадим:
— Раис бова, режиссёр нима деяпти?
— Баракалла деяпти, баракалла.
— Баракаллани шундай дейдими?
— Ҳа, энди... улар ВГИКда ўқиган-да, ВГИКда.
— Ўшанда шундай ўқитадими?
— Ҳа, энди... ВГИКни битйрган-да, ВГИКни.

24

Мен дала бошида турмиш тўрт қаторли машинани эгат солдим. Режиссёрга қаратиб ҳайдадим. Аппаратлар мен тараф пешланди.
— Дўстлар! — дея пешвоз юрди Жингаласоч. — Келинг, аввало ўтмишга бир саёҳат қилайлик!

Жингаласоч шундай дея, бир оппоқ чаноқ узиб олди. Пешонаси узра кўз-кўз этди. Чаноқ тикилиб-чаноқ тикилиб ваъз айтди:
— Пахта! Пахта мальвовлар оиласига мансуб бўлиб, госсипиумлар аждодидандир! Госсипиум — лотинча сўз бўлиб, пахта берувчи дарахт демакдир! 1670 йилда подшо Алексей Михайловичнинг буйруғига биноан Москва шаҳрида ҳам пахта экилди. Уни сарой боғбони Аносов экди. Москвада Измайлов маданият ва истироҳат боғи бор. Ана шу хушманзара ерда пахта даласи барпо бўлди. Измайлов даласи яхши ҳосил берди! Мамлакатимизнинг Одесса ва Херсон ўлкаларида ҳам Америка «си-айленд» пахтаси экилди. Ҳосилдор пахта бўлди. У ерликлар пахтани бир териб олди. Уч кундан кейин... тағин очилиб турди! Куз охирлагунича очилди! Охири — у ерлик маҳаллий халқ пахтадан кечишга қарор қилди. Бизга ҳосилини бир териб оладиган ўсимлик керак, дедилар. Ундай пахта эса йўқ эди! У ерликлар пахта машаққатига, пахта азобига... бардош беролмади! Аммо жафокаш ўзбек халқи, жафокаш ўзбек ери бардош берди! Ўзбек халқи, ўзбек тупроғи умрини пахтага бахшида этди. Қиш демади, ёз демади — пахта, деди. Тун демади, кун демади — пахта деди. Шундайми, Деҳқонқул ака?

Жингаласоч микрофонини чўзди. Мен машинадан микрофон энкайдим.
— Ҳа, шундай, — дедим. — Бизнинг «пахтаой» пичагина нозиктаъб, бизнинг «оқ олтин» пичагина куйдирмажон!
— Кечирасиз, ҳол-аҳвол ҳам сўрамабмиз, бу... иш қалай?
— Муваффақиятли!
— Иш шароитларингиз қалай?
— Қулай!
— Бўш вақтларингизда қандай дам олмоқдасиз?
— Кўнгилдагидай!
— Қанақа дам олмоқдасиз?
— Маданий!
— Иш жараёнида аҳён-аҳёнда учраб турадиган қийинчиликларни қандай енгмоқдасиз?
— Мардонавор!
— Ҳали-ҳамон кўзга ташланиб турадиган камчиликларни қандай бартараф этмоқдасиз?
— Аёвсиз!
— Бу йилги режаларингиз қандай?
— Юксак!
— Доно партиямиз белгилаб берган йўл-йўриқларга қандай амал қилмоқдасиз?
— Оғишмай!

Режиссёр чапак чалиб юборди.
— Браво, браво! — деди. — Вот, советский деҳқон!

25

Осмонда паға-паға оқ булут сузди.

Кун булут ортида қолди.

Далалар хира тортди.

Киночилар кун ангниди.

Жингаласоч Хурсандой билан Норгулойга «Пахта ишқи» дегич қўшиқ машқ эттирди.

Кун булутлар ортидан чиқиб келди.

Далалар кундай ёруғ бўлди.

Ўқариқ бўйида аёл-қизлар сафланди. Этак бойлаб терим шайланди.

Идеология аёл-қизларни бир-бир кўздан кечирди. Маъқул, дея бош ирғади.

Режиссёр беш-олти одим берида турди. Оёқ керди. Қўлларини бел тиради.

Режиссёр тишлари орасидан чирт-чирт тупурди. Тупуги ўзи билан теримчилар ўртаси бориб тушди.

Режиссёр бир ёнидан папирос олди, бир ёнидан гугурт олди. Теримчилардан кўз узмай папирос эзғилади. Чирсиллатиб гугурт чиқди. Бўйин қийшайтириб папирос тутатди. Гугуртчўпни елкаси оша отди.

Юрагим шувв этди.

Гугуртчўп тушмиш ер ҳадаҳалаб бордим. Гугурт-чўпни босиб-босиб ташладим.

«Катта, далада папирос чекмайди — пахта ўт олиб кетади», дейин-дейин дедим.

Бир Идеология қарадим, бир раисимиз қарадим.

Раис билан Идеология билиб-билмасликка олди.

Режиссёр бурқситиб-бурқситиб папирос тутатди.

Режиссёр тутунлар орасидан аёл-қизлар қаради. Папиросини лаби у бурчидан-бу бурчи суриб қаради. Лабларини дўрдайтириб-дўрдайтириб қаради.

Режиссёр мисоли кучук имламишдай — шаҳодат бармоғини ликиллата Жингаласоч чақирди.

Жингаласоч лик-лик эта келди. Режиссёр гирдида елпатак-елпатак бўлди.

Режиссёр кафтини коса этиб-этиб гапирди. Қўлини бигиз этиб-этиб гапирди, бармоғини пешонаси нуқиб-нуқиб гапирди.

Жингаласоч бош ирғаб-бош ирғаб эшитди. Бош ирғай-ирғай теримчилар олдилаб келди. Хурсандой билан Норгулойга бошдан-оёқ разм солди.

Теримчилар ийманиб ер қаради. Рўмоли учини қайирди. Рўмолини пешоналари сурди. Тер ялтирамиш бўйинлари билан ёриқ-ёриқ лабларини яширди.

Теримчилар кўйлак этакларини тортиб-тортиб қўйди.
— Бўлмайди! — деди Жингаласоч. — Бу атлас бўлмайди!
— Яхши атлас-ку, —деди Идеология.
— Яхши, ёмон эмас, яхши! Аммо бу сариқ атлас-да. Сариқ атлас экранда сап-сариқ читга ўхшаб кўринади. Чунки лентамиз рангли лента-да.
— Унда, қандай атлас яхши бўлади?
— Жуҳуди атлас яхши бўлади! Экранда турли рангда товланиб кўринади. Жуҳуди атлас ранг-баранг-да.
— Еврейский атласларингиз борми, Хурсандой ва Норгулой? — деди Идеология.

Теримчилар ердан кўз олмади. Калиши учи билан ер титкилади. Бош ирғади — йўқ ишорасини билдирди.
— Ўзларида бўлмаса, бошқаларда бордир? — деди Жингаласоч. — Шундай катта колхозда жуҳуди атлас топилмайдими?
— Еврейский атлас топиш қийин. Бу атлас ҳам яхши-ку? — деди Идеология.
— Тўғри, яхши атлас. Аммо гап бошқа ёқда. Биласиз, фильмимиз Иттифоққа чиқади, Иттифоққа! Ундан чет элларга! Фильмимизни бутун жаҳон кўради, бутун жаҳон! Экранда сап-сариқ чит кўйлакни кўрганлар нима дейди? Қаранглар, бечора ўзбек совет хотин-қизлари чит кўйлак кийиб пахта тераяпти, демайдими? Дейди! Ўзбек совет хотин-қизлари кийгани кийимга зор экан, демайдими? Дейди! Идеология афтодаҳол-афтодаҳол бўлди.
— Виноват, виноват... — деди.
— Ахир, чет элларда Боймирза Ҳайит, Вали Қаюмхон, Булоқбоши каби буржуа-мафкуравий душманларимиз қадамимизни санаб юрибди! Буржуа-мафкурачиларимиз экранда чит кўйлак кийган ўзбек совет хотин-қизларини кўрса нима дейди? Совет Ўзбекистони оч-юпун, демайдими? Дейди! Ана, ўзбек совет хотин-қизлари чит кўйлак кийиб пахта термоқда, демайдими? Дейди!

Идеология бенаво-бенаво бўлди.
— Биз... атлас... — дея ғулдур-ғулдур этди. —Биз еврейский атлас деганда — ўзбек хотин-қизларини тушунамиз, ўзбек хотин-қизлари деганда — еврейский атласни тушунамиз!..

Раисимиз Идеология жонига ора кирди.
— Мунча теримчига жуҳуди атласни қаердан топамиз? — деди раисимиз.
— Ҳаммасига эмас, — деди Жингаласоч. — Мана шу икковига бўлса бўлади. Шу иккови йирик планда кўринади! Қолганлари шунчаки — фонда кўринади!
— Ҳа-а, иккита денг, иккита топилади, — деди раисимиз. — Қани Хурсандой, Норгулой, буёққа юринглар, қани. Холиқул, машинани ўт олдир!

Раисимиз Хурсандой билан Норгулойни машинасига миндирди. Пичир-пичир тайинлади.
— Зув этиб бориб-зув этиб келинглар! — дея эшик ёпди. — Раис айтди, десаларинг, бизни аёл ҳам, Чори мудирни аёли ҳам йўқ демайди!

26

Режиссёр тишлари орасидан чирт-чирт тупурди.

Режиссёр напиросини тутатиб бўлди. Папирос қолдиғини чертиб ташлади.

Шундай чертди-шундай чертди — кўзим илашмай қолди! Папирос қаерга тушди — билолмай қолдим!

Шундай бўлса-да — папирос учмиш ёқ алағда бўлиб бордим. Эгат оралаб қарадим — тололмадим.

Кафтларимни тиззаларим тираб қаради — тутун пайқамадим. Ҳали ўчмагандир дея, ҳаво искадим — ҳид олмадим.

Ғўзаларни бир-бир қарадим. Шохларини қайириб қарадим. Баргларини кўтариб қарадим. Папирос бир оппоқ чаноқда илашиб турди. Билинар-билинмас тутаб турди.

Мен апил-тапил ғўза учидан силкидим — папирос эгат тушди.

Папиросни товоним билан эзғилаб-эзғилаб ташладим. Ер кўмиб-ер кўмиб ташладим.

Ана шунда кўнглим жонлашди.

28

Хурсандой биринчи эгатдан тушди, Норгулой иккинчи эгатдан тушди.
— Бўлди! — деди Жингаласоч. — йирик планда шу иккита теримчи бўлади. Уёғида ким қандай тушса тушаверсин — уёғи шунчаки фонда кўринади!
— Ўзиям, йирик-йирик кўрингулик теримчилар-да! — деди раисимиз. — Ҳар бирови мавсум охиригача саккиз тоннадан ошириб «оқ олтин» териш мажбуриятини олган!
— Машина бўл-е! — деди Жингаласоч. — Деярли машина!
— Буларни олдида машина нима деган гап! — деди раисимиз. — Машина бузилади, отказ қилади. Булар на бузилади, на отказ қилади!

Идеолопия иккита лўппи чаноқ узиб олди. Пуф-пуфлади. Силаб-сийпади. Норгулой билан Хурсандойни қулоқлари устига қистириб қўйди.

Идеология Норгулой билан Хурсандойни ўрим-ўрим сочини елкасидан олиб кўксига тушириб қўйди.

Идеология бошқа теримчиларга-да кўз-кўз этди.
— Сизлар ҳам ана шундай қилинглар! — деди. Бошқа теримчилар-да қулоқларига чаноқ тақди.

Бошқа теримчилар-да ўрим сочларини кўксилари туширди.

Идеология Хурсандой қабатини олди.

Жингаласоч Норгулой қабатини олди.

Аппаратлар шир-шир сурат олиб бошлади.

29

— Она табиатимизда неча хил ранг бўлса, барча-барчаси пахтазорда мужассамдир! — деди Жингаласоч. — Ҳа, пахтазорда камалак рангларнинг жамики жилолари жамулжам! Пахтазорда хотин-қизларнинг пиёла жарангидек шўх кулгиси янграйди! Сўнг, лапарлар, аскиялар, қўшиқлар, эшиталади!

Жингаласоч Хурсандой билан Норгулойга микрофон тутди.

Хурсандой билан Норгулой юзларида табассум ўйнади. Тишларини оқини кўрсатиб жилмайди.

«Пахта ишқи» ашуласини айтиб-айтиб пахта терди:

Тун демай, кундуз демай, бошингда мен парвонаман,

Соғиниб қолдим, очил, кулсин, севинсин ҳар томон...
— Ҳа, далада ҳуркак тоғ оҳусидек хотин-қизлар турнақатор бўлишиб пахта термоқда! Бири қўйиб бири қўшиқ айтади, бошқалари жўр бўлади:

Кўкдаги сайёралардек — очил, оппоғим, чаман,

Кеч кириб то субҳидам ишцингда минг тўлғонаман...
— Стоп!

Режиссёр шундай дея, қўл кўтарди. Эгат оралаб келди.
— Хурсандай и Наргулай! — деди режиссёр. — Сизники пахтани севади? Севади! Сизники севги билан пахта теради? Теради! Бизники кино қилади!

Режиссёр пахта териб-териб кўрсатди.
— Вот так, вот! — дея пахта терди. — Сизники вот так муҳаббат билан пахта теради? Теради! Бизники Москвага байроқ қилади!

Гап Жингаласочда кетди:
— Хурсандой ва Норгулой! — деди. — Пахтани чаноқдан суғуриб олаётганингизда ғўзаларга, айниқса чаноқларга ўзгача бир меҳр-муҳаббат билан қаранг! Ахир, сиз пахтани севасиз-ку! Шундайми? Пахтага ишқингиз тушган-ку! Тўғрими? Қўшиқнинг мазмуниям шу, номиям шу — «Пахта ишқи»!

Режиссёр тишлари орасидан чирт-чирт тупурди. Режиссёр папирос тутатди.
— Хурсандой! — деди Жингаласоч. — Хўжайинингизни севиб қолганингизда қандай қилиб муҳаббат изҳор қилгансиз?

Хурсандой ер боқди. Хурсандой оғиз ушлаб-оғиз ушлаб уялди.
— Ундай деманг-е... — деди.
— Ия, ундай деманги бўптими? Тасаввур қиламан: хўжайингизни юзларига севги тўла кўзларингиз билан боққансиз... сочларини муҳаббат билан силагансиз... қўлларини ўзгача бир меҳр-муҳаббат билан ушлагансиз... шундайми? Айтмаяпсиз — шундай! Пахтага ҳам ана шундай муносабатда бўлинг! Қаранг, мана бундай!

Жингаласоч пахта териб-териб кўрсатди:
— Пахтани чаноқдан мана бундай қилиб муҳаб-бат билан оласиз! Кейин — кафтингизда вафо билан мана бундай қилиб ушлайсиз! Ундан кейин — садоқат билан мана бундай қилиб этакка соласиз!

Жингаласоч термиш пахтасини Хурсандойни этагига ташлади.
— Тушундингизми? — деди. — Нигоҳларингизда муҳаббат, вафо, садоқат балқиб турсин! Боқишларингизда пахта ишқи барқ уриб турсин!

30

Аппаратлар шир-шир сурат олди.

Дала бошида турмиш агитмашина ашула айтди.

Теримчилар «Пахта ишқи»ни айта-айта пахта терди:

Кўк рўмолинг, оқ юзинг, бизларни шайдо айламиш,

Сен билан биз зскидан севги-муҳаббатдек таниш.
— Хотин-қизлар қўшиқ айтмоқда! — деди Жингаласоч. — Қўллари эса «оқ олтин»да! Ғўзага бир эгилади, бир қаддини ростлайди! Чаноқлардан мени ол-ол, деб турган оппоқ пахталарни ўзгача бир чиройли ҳара-кат билан чаққонгина олади! Чангларини авайлаб-гина пуфлаб қоқади, кўзига суртгудек бўлади! Меҳр-муҳаббат билан силаб-сийпаб, кўкракларига тутилган этакка — қалбига солади! Қалби эса «оқ олтин»га тўлиб боради.

Нуқраи гул-гул жамолинг, бир ўпай, очил, кумуш!

Сен чиқиб Зуҳро каби — кулсанг ҳавасга конаман...
— Сахий куз офтоби бахтиёр ўзбек хотин-қизларининг бахтиёр меҳнатларини табассум ила ёритиб туради. Бахтиёр ўзбек хотин-қизлари... мана, район партия комитети идеология котибаси, район хотин-қизлар совети рансаси Клара Ходжаевнанинг қалб сўзлари:
— Бизнинг мамлакатимизда давлатни идора қилишга хотин-қизларни жалб этиш ленинча принципи оғишмай амалга оширилмоқда! — деди Идеология. — Чор Россиясида хотин-қизлар сайлов ҳуқуқидан фойдаланмас эдилар, Октябрь революцияси хотин-қизларнинг ҳуқуқсиз аҳволини йўқотиб, уларга давлат, хўжалик, ижтимоий-сиёсий ва маданий ҳаётнинг барча соҳаларида зркаклар билан тенг ҳуқуқ бериб қўйди, капиталистик мамлакатларда бундай аҳволни мутлақо кўрмайсиз, капитализмда хотин-қизлар ҳақ-ҳуқуқдан маҳрумдирлар! Агитмашина «меҳнат ва зафар қўшиқлари»дан айтди:

Мунча ширин экан бу — Совет даврони

Мамнун яшар ҳар инсон — йўкдир армони.
— Кечирасиз, Клара Ходжаевна, гапингизни бўламан, Клара Ходжаевна! — деди Жингаласоч. — Мана, колхоз агитатори Жавлонбой аканинг агитмашинаси ялла айтмоқда, бу қандай ялла?
— Бу — «Бахт ялласи»!
— Сиз район хотин-қизлари сардори сифатада бахт деганда нимани тушунасиз?
— Мен бахт деганда ўзбек хотин-қизларини тушунаман, ўзбек хотин-қизлари деганда бахтни тушунаман!

Мунча ширин экан бу — Совет даврони

Мамнун яшар ҳар инсон — йўқдир армони.
— Ҳа, — деди Жингаласоч. — Шоирлар «Бахтим бор деб эсади еллар», деб куйлаганидек, оппоқ далалар узра «Бахт ялласи» янграмоқда! Далалар — уйғоқ! Далалар — ҳур-бахтиёр!
— Ҳа, — деди Идеология. — Бахт — ўзбек хотин-қизларининг таржимаи ҳолига айланиб қолди!

Мунча ширин экан бу — Совет даврони

Мамнун яшар ҳар инсон — йўқдир армони.

31

Мен далаларимни машина терим учун шайладим.

Ўқариқ ҳаворладим.

Кўндаланг қулоқ ҳаворладим.

Ўнқир-чўнқир ҳаворладим.

Якка-ёлғиз бегона ўтларни юлиб-юлиб ташладим.

Эгилиб-эгилиб қолмиш ғўзаларим қаддини адл-адл ростладим.

32

Йўл бўйида ўсмиш ғўза куни қурсин!

Ўнгдан бир машина келди — йўлбўй ғўзаларимга гупиллатиб чанг уриб ўтди. Чапдан бир машина келди — йўлбўй ғўзаларимга гупиллатиб чанг уриб ўтди.

Майда-чуйда техникалар чангитиб ўтди. От-улоқлар чангитиб ўтди. Пиёдалар чангитиб ўтди.

Бари чанг йўлбўй ғўзаларимга гуп-гуп ёпишди. Чанг шудринг билан қорилди-қолди — ғўзаларимда чайирдай ёпишиб-ёпишиб қолди.

Йўлбўй ғўзаларим ерранг-ерранг бўлиб қолди. Йўлбўй ғўзаларим тупроқранг-тупроқранг бўлиб қолди.

Барг қайси бўлди, кўсак қайси бўлди, тола қайси бўлди — билиб бўлмай қолди.

Ғўзаларимни қоқиб-да бўлмади — ғўзаларим қирс-қирс синади, кўсакларим дув-дув тўкилади.

Аммо... чайир чанг тўкилмайди!

Чайир чангдан қутулишни бирдан-бир йўли бўлди: авж тушда ғўза бўшашиб қолади. Авж тушда ғўза шалпайиб қолади. Авж тушда тафтида чанг илла ғўза ёпишиб туради.

Авжи туш тафтида ғўзаларни силкаб-силкиб олса — чанг тўкилади.

Мен авжи туш тафтида йўлбўй ғўзаларим ораладим. Ғўзаларим учидан ушлаб қоқиб-қоқиб олдим. Ғўзаларим учидан ушлаб силкиб-аилкиб олдим.

Саккиз эгат йўлбўй ғўзамни ана шундай қоқиб-қоқиб олдим.

Йўлбўй ғўзаларим ғўзасинбат-ғўзасинбат бўлди.

33

Далаларимни келиндай-келиндай созладим.

Раисимиз далаларимни айланиб-ўргалиб қаради.
— Далаларингиз дала бўлмабди, далаларингиз ўнг ёқдаги келин бўлибди! — деди раисимиз. — Деҳқонқул ака, мен келин кўрди учун бир қўй айтдим! Эртага биринчи теримда сўясиз!

34

Далаларим чаман-чаман бўлди.

Чаманлар кўзимни олайин-олайин, деди.

Мен тонглай-тонглай ана шў чаманларни териб-териб оламан.

Ғўзаларим озорланмасин учун машина билан ғилдирак олдига тўсқич ўрнатаман.

Ғўзаларим жуф-жуфт барабанлар оралиғидан кетма-кет ўтади. Барабанлар ғўзаларимни айланиб-айланиб қисади. Барабанлар ғўзаларимни қамраб-қамраб қисади. Урчуқлар тескари-тескари айланади. Урчуқ тишлари ана шу чаман-чаман пахталаримни ўзига ўраб-ўраб териб олади.

Биринчи терим пахтамни ана шундай териб оламан!

Биринчи терим пахтам аъло нав-аъло нав пахта бўлади. Эшимли-эшимли пахта бўлади. Бўлали-бўлали пахта бўлади. Момиқ-момиқ пахта бўлади. Яккачигит-яккачигит пахта бўлади. Хиёл сарғиш товлангич пахта бўлади.

35

Далаларим лўппи-лўппи бўлди.

Лўппи-лўппи момиқлар чаноқлардан тошайин-тошайин деди.

Урчуқлар айланади-айланади — ана шу лўппи-лўппи момиқларни илиб олгич чўткали барабанларга рўпарў бўлади. Барабанлар тескари тараф айланади-айланади — пахталаримни қабул гумбазхонасига улоқтиради. Қабул гумбазхонаси шамолпаррак ёрдамида пахталаримни ҳаво билан сўради-сўради — ичковакдан машина пахтаидишига олиб бориб тўкади.

Иккинчи терим пахтамни ана шундай териб оламан!

Иккинчи терим пахтам биринчи терим пахтамдан майдароқ бўлади. Тўлиқ пишиб етилмаган бўлади. Сийрак-сийрак пахта бўлади. Кам эшим-кам эшим пахта бўлади. Кам момиқ-кам момиқ пахта бўлади. Момиқ ич-таши тўлқин-тўлқин пахта бўлади. Оқ-сарғиш пахта бўлади. Сариқ-сариқ доғли пахта бўлади.

36

Мен адл-адл ғўзаларим пахтасини териб олиш учун барабанлар оралиғини кенг-кенг оламан.

Мен ўртабўй-ўртабўй ҳам калтабўй-калтабўй ғўзаларим пахтасини териб олиш учун барабанлар оралиғини тор-тор оламан.

Мен урчуқли барабанлар кетига ҳавоютгич мослама ўрнатиб пахта тераман.

Ҳавоютгич мослама ғўзаларим остилаб тушмиш пахталаримни сўриб-сўриб олади.

Ҳавоютгич мослама эгатлаб тўкилмиш пахталаримни ютиб-ютиб олади.

37

Учинчи терим пахтамни қўлда тераман.

Бир ҳисса қўл терим олтмиш кило бўлади.

Бир кило пахта териш учун икки юз эллик дона чаноқ тозалайман.

Олтмиш кило пахта териш учун ўн беш минг бор чаноқ эгилиб-чаноқ эгилиб тураман. Олтмиш кило пахта териш учун ўн беш минг бор ер энкайиб-ер энкайиб тураман.

Учинчи теримда осмон айниб қолади.

Ҳаво совиб-совиб олади.

Ёмғир савалаб-савалаб олади.

Учинчи терим пахтамни чала-чала очилмиш кўсакдан териб оламан.

Учинчи терим пахтамии тиржайиб-тиржайиб қолмиш кўсакдан териб оламан.

Шу боис, учинчи терим пахтам син-синбати кўсаксинбат-кўсаксинбат бўлади,

Учинчи терим пахтам об-ҳаво мисол хира-хираранг бўлади. Айнима осмон мисол тунд-тундранг бўлади.

Учинчи терим пахтам сап-сариқ доғли бўлади. Қўнғир-қўнғир доғли бўлади.

Учинчи терим пахтам чириманда-чириманда пахта бўлади. Эшимсиз-эшимсиз пахта бўлади. Ғозсиз-ғозсиз пахта бўлади.

Олти мисқоллик пахтам учинчи теримда уч мисқол бўлиб қолади!

38

Мен ана шунда олибсотар бўламан-қоламан!

Олибсотар ориқдан-ориқ қўй боқади. Олибсотар тозидан-този қўй боқади.

Эрта бозорда ана шу този қўй ошиғи устидан тешади.

Олибсотар ана шу тешикка оғиз қўйиб пуфлайди. Лунж шишириб-лунж шишириб пуфлайди. Чираниб-чираниб пуфлайди.

Қўй бир ўлиб тирилади. Қўй бир ўлимдан қолади.

Қўй бир кечада семиради. Қўй пуфланмиш шар мисол таранг бўлади.

Олибсотар азонлаб қўйни бозор солади.

Молбозорда молжаллоб дегич кимса бўлади.

Молжаллоб учун кирим бўлса бўлди — бузоқни ҳўкиз дея сотиб беради. Молжаллоб учун кирим бўлса бўлди—эчкини қўй дея пуллаб беради.

Ана шу молжаллоб қўйни мақтаб-мақтаб пуллаб беради.

Далаларим ана шу қўй бўлиб-бўлиб қолади!

Катталар ана шу молжаллоб бўлиб-бўлиб қолади!

Мен ана шу олибсотар бўлиб-бўлиб қоламан!

39

Тўртинчи теримда қор ёғади.

Ҳаводан қиш нафаси келади.

Кечалари ҳалқоб сувлар музлайди.

Далаларим билч-билч лой бўлади.

Мен шилт-шилт лой ботиб кўсак тераман.

Мен қунишиб-қунишиб кўсак тераман.

Мен қалт-қалт қалтираб кўсак тераман.

Мен ҳовучларимга уфлаб-уфлаб кўсак тераман.

Кўсаклар тошдай-тошдай метин бўлади.

Кўсаклар муздай-муздай совуқ бўлади.

Тош-метин кўсаклардан қўлларим тилим-тилим бўлади.

Муз-муз кўсаклардан қўлларим йиринг-йиринг бўлади.

Тўққизинчи боб

1

Ит бемаврид-бемаврид ҳурди.

Мен уйқумда эшитиб ётдим.

Ит жон-жаҳди билан ҳурди. Ит қаҳр билан ҳурди.

Уйқум қочди. Чопонимни елкам ташлаб ташқариладим.

Тун тошдай-тошдай зим-зиё бўлди.

Тимирскиландим-тимирскиландим — ташқи чироқни ёқдим.

Ит хиёл забтидан тушди.

Мен дарвоза тарафладим.

Дарвоза одоб билан тик-тик этди. Дарвоза назокат билан тик-тик этди,

«Ким бўлса-да, ўзимиздан бўлмади, — дея ўйладим. — Ўзимиздан бўлса, тарақ-туруқ уради».
— Ким у? — дедим.
— Биз идорадан келдик! — деди бир овоз. —Биринчи теримда сўйиш учун қўй олиб келдик! Мен дарвоза зулфинига қўл узатдим.
— Ўйнаб қўяй, қўйларингдан! — дедим. — Ярим кечада қўйим нимам?
— Раис юборди, раис! Оча қолинг!
— Биринчи терим эртаматан бошланади. Эрта-матан олиб келардиларингиз-да?
— Энди, раис машъал бригадиримиз эрталаб шошиб қолмасин, деди-да. Оча қолинг, қўйингизни ола қолинг!
— Ўйнаб қўяй, раисдан-да! — дея-дея дарвоза зулфинини олдим.

Шунда, учта одам забт билан ичкари ёпирилди. Бирови кўкрагимга тўппонча тиради. Иккови ҳовлига автомат ўқталди.

Бир автоматчи автомати қўндоғи билан онамизни туртиб юборди.

Онамиз кетилаб тисарилди-тисарилди — бурчак суяниб қолди.

Болалар онамиз гирдида ғуж-ғуж бўлиб олди.

Автоматчилар автомат қўндоғи билан сандиқ усти бўғжомаларни ағдариб-ағдариб ташлади.

Автоматчилар сандиқ қулф-зулфларйни суғуриб-суғуриб ташлади.

Бир сандиқда аёлимиз раҳматликдан қолмиш кийим-кечак тахлоқлик бўлди.

Автоматчилар аёлимиз раҳматликдан қолмиш кийим-кечакларни автомат учи билан илдириб-илдириб отди.

Автоматчилар аёлимиз раҳматликдан қолмиш кийим-кечакларни автомат учи билан силкиб-силкиб отди.

Автоматчилар аёлимиз раҳматликдан қолмиш кийим-кечакларни автомат учи билан қоқиб-қоқиб отди.

Автоматчилар аёлимиз лозимини отмади — мени бағримни отди!

Бағрим бир ўпирилиб тушди!

Шунда... аёлимиз лозими улоғидан чироқ илашиб қолди. Аёлимиз лозими улоғидан чироқ ёпиниб қолди.

Ана шунда уй-ич нимқоронғи бўлди.

Тўппончалик лозимни олиб ташламоқ бўлиб қўл узатди. Тағин, бирдан қўл тортди.
— Т-фу!.. — дея лозим тупурди.

Тўппончалик аёлимиз лозимилаб тупурмади — мени бетимлаб тупурди! Бағрим икки ўпирилиб тушди!

Тўппончалик аёлимиз лозимини тўппонча учи билан олар бўлди. Бир тўппонча қаради, бир лозим қаради.

Тўппончасини лозим теккизишдан ҳазарланди!

Тўппонча билан онамизга ишора берди.
— Манавинингни олиб ташла! — деди.

Онамиз ҳадаҳа лозим олди. Лозим қўлтиқлаб бурчаклади.
— Илойим, шу қилғилиғинг ўзингга урсин, ўзингга бўлмаса, болангга урсин! — дея минғ-минғ қарғади.

Автоматчилар сандиқларни ағдариб-ағдариб қаради. Гилам остиларини босиб-босиб қаради. Дераза токчаларини тақ-тақ уриб қаради. Деворларни чертиб-чертиб қаради.

Уй-ич итирқин-итирқин бўлди!

Автоматчилар девор бош-адоғ қосовсимон аппарат югуртириб-югуртириб кўрди.

Автоматчилар ошхона титди. Автоматчилар омборхона титди.

Автоматчилар молхона титди.

Уй-таш итирқин-итирқин бўлди!
— Олтинларинг қаерда? — деди тўппончалик.
— Олтин? Қандай олтин?
— Аппаратимиз ёниб кўрсатмаяпти. Яхшиликча, ўзинг айт! Бўл-бўл!
— Ўйнаб қўяй, олтин зотидан, ўйнаб қўяй. Олтин тилла дўконда бўлади-да.
— Айтмайсанми? Ҳали, айтасан! Тўппончалик шундай дея, билакларимни жуфтлади. Шиқиллатиб кишан солди. Кишан жиловини билагидан ўраб олди. Дарвоза олдида турмиш машина тараф етаклади.

Ўғлимиз кетимдан овоз берди:
— Ота-а-а!

Тўппончалик мени машина имлади.
— Йўл бўлсин? — дедим.
— Энангни уйига!

Мен машина кира бермадим.
— Йўл бўлсин? Эртаматан биринчи терим бошланади? — дедим.

Автоматчилар мени итаргилаб-итаргилаб машина босди.

Машина ойнасидан уйимиз қарадим.

Онамиз уй бўсағада серрая-серрая қолди.

Болалар онамиз теварагида ғуж бўлиб-ғуж бўлиб олди.

Ўғлимиз тағин овоз берди:
— Ота-а-а!..

2

Машина зим-зиёда юрди-юрди — бир овлоқни манзили жалол этди.

Тўппончалик мени етаклаб тушди. Ҳадаҳа билан бошқа бир машина солди.

Биринчи машинада қолмиш автоматчиларга тайинлади:
— Манави чап йўлдан ҳайданглар, — деди. — Мабодо мафия қувиб қолса, бор тезлик билан ҳайданглар!

Машинамиз ўнгга бурилиб жўнади. Биқинимда тўппонча қадалиб-қадалиб турди.
— Йўлда мафиянг дафъа қилиб қолса, манави оёқ остига ётиб ол! — деди тўппончалик. — Сен бизга тириклайин кераксан!
— У ким? — ҳайронланиб сўрадим.
— Ўзингни овсарликка олма! Биз барини биламиз!

Бир кўприк пойида тонг отиб қолди.
— Ёруғ бўп кетди-я! — деди тўппончалик. — Машинани кўприк остига ол!

Тонг ёригандан-ёриди. «Ҳализамат биринчи терим бошланади», дея хаёлландим.

Машина кўприк остида оёқ илди.
— Ўзи, қаёққа кетаяпмиз? — дедим. — Ҳализамат теримчилар далалаб келади.
— Ўчир-ўчир!

Тўппончалик ойнадан ташқари аланглаб-аланглаб олди.
— Сурхондарёча машина рақамларинг бор-а? — деди ҳайдовчига. — Дарров рақамларингни алмаштир! Сурхондарёча рақам қўй!

Ҳайдовчи апил-тапил машина олд-кет рақамларини алмаштириб-алмаштириб олди. Машина тағин йўл равона бўлди. Машинадан тайёра пиллапоясилаб оёқ босдим. Тайёра ердан оёқ олди.
— Худога шукур-е! — дея елкадан нафас олди тўппончалик. — Мафиянгга ҳам чап бердик!

3

Том — тош бўлди.

Девор — тош бўлди.

Ер — тош бўлди.

Тошлар захдан-зах бўлди!

Мен бурчакда чўнқайиб ўтира бердим. Пешонамни тиззаларим қўйиб ўтира бердим.

Димоғим бир ис туйди.

Ис димоғим учун ҳаминқадар қўланса бўлса... ҳаминқадар қадрдон-да бўлди.

Ис — бутифос иси бўлди!

4

Иккита аскар ўртасида бордим.

Кун кундузими ё кечами — билмадим.

Қорағилоф эшикдан ичкариладим.

Тўрда ўтирмиш бароққош катта жойидан турди. Мен билан қўл бериб кўришди. Бош эгиб-бош эгиб мулозамат этди.

Бароққош катта жой лутф этди.
— Марҳамат, Деҳқонқул Ақрабович, марҳамат! — деди.

Мен бароққош катта марҳамат этмиш жой чўкдим.

Бароққош катта ўз жойини олди. Бош ирғаб-бош ирғаб илжайди.

Бароққош катта бетимдан кўз олмади — бир чапимдан қаради, бир ўнгимдан қаради.
— Кўп қараб ётманг, — дедим. — Бетим пес эмас.

Бароққош катта тағин бош ирғади.
— А?.. — деди. — Бўлади, ҳаётда шундай дард бўлади... Аммо юқумли саналмайди...
— Эллик даража жазирамада кетмон чопамиз, ана шундан, — дедим.
— Ия! — дея ҳайронланди бароққош. — Унда нега юзингиз бир текис қора эмас?
— Саратон маҳали далада кўз очиб бўлмайди. Кўзимизни қисиб-қисиб кетмон чопа берамиз.
— Ҳа-а? Мен бошқа хаёлга борибман...
— Бари кўргилик кун билан кетмондан.
— Бўлди-бўлди, тушундим. Хў-ўш, унда, танишиб қўяйлик: мен Иван Иванович Иванов бўламан. «Ўзбеклар иши» билан шуғулланаман.

Тўрда баҳайбат пўлатсандиқ бўлди. Сандиқ узра супрадай қизил байроқ ёйилиб турди.

Бароққош боши узра ўртоқ Ленин кулиб-кулиб қараб турди,

Ўнг тарафда Дзержинский қаҳрланиб-қаҳрланиб қараб турди.

Бароққош сўрай берди — мен айта бердим. Айтувларим хатга туша берди.

Бароққош хат қараб хаёл суриб қолди.
— Энди бўлди-а? — дедим. — Ўзиям, етти пуштимгачайин сўраб олдингиз. Энди мен кетайин.
— Қаёққа кетасиз?
— Қаёққа бўларди — уйимга-да. Биринчи терим бошланди. Мен бўлса, буёқларда юрибман. Аслида теримчиларга қўй сўйиб беришим лозим эди. Оғзига етар бўлади, оғзига етмас бўлади, сўкади-да. Ўл-а, машъал бригадир бўлмай, дейди-да. Гап раисимиз қулоғига етса, ундан-да ёмон.

Бароққош лаблари бурчида кулди.
— Жамолиддинов, Жамолиддинов! — дея кулди. — Деҳқонқул Ақрабович, Деҳқонқул Ақрабович! Раисингиз шу ерда!
— Шу ерда?
— Ҳа-да. Сиз билан бир тайёрада келди.
— Эб-е?.. Ўйнаб қўяй-ўйнаб қўяй, қаерда-қаерда?
— Сиз билан қабатма-қабат ётибди. Хў-ўш, қалай жойлашдингиз, маъқулми?
— Сиз биласиз-да, мен не билайин?
— Ишқилиб, озодагинами?
— Озода? Бутифос иси анқиб ётибди. Чидаб бўлмайди.
— Энди, чидайсиз-да, Деҳқонқул Ақрабович. Биламан, бутифос ҳиди анқиб туради, биламан. У жойлар бир вақтлар заҳарли дорилар сақланадиган омборхона эди. У жойларга кириб бўлмас эди. Иложимиз қанча, «ўзбеклар иши» учун фойдаланар бўлдик.
— Кимлар учун?
— «Ўзбеклар иши» учун. Заҳарли дори омборда ўзбекдан бошқа халқ чидай олмайди-да. Чунки ўзбек халқи йил ўн икки ой далада заҳарли дори сепиб ишлайди-да. Йил ўн икки ой заҳарли дори ҳидлаб яшайди-да. Шу сабабли ўзбек халқини заҳарли дори омборига жойлаштирдик. Чиниққан халқ-да, чиниққан.

5

Кундузлари захда ўтириб турдим.

Кечалари тошдевор тўнтариб қулфланмиш камбардан-камбар тахтани тушириб ётдим.

Бутифос иси димоғим ботмади. Даламда ётмишдайин осойишта ёта бердим.

Дарвозани даранглатиб очмиш аскар бутифосдан афт бурди. Кафт билан оғиз-бурун ёпди.

Аскар боши билан чиқ, имосини берди.

Мен узун даҳлиз бўйлаб йўл олдим.

Кетимдан келмиш аскар оғзи бурнидан кафтини олди. Бурчакда турмиш сатилга энкайди. Томоғини чангаллаб-чангаллаб ўқчиди.
— Уҳ, туф, уҳ! — дея ўқчиди. — Энам-ай, ай, энам-ай!..
— Ўрганиб кетасиз-ўрганиб кетасиз! — дея далда бердим.

Аскар аччиқ билан елкамдан туртди.
— Юр, сендан сўраяпманми, юр! — деди. Мен бир қалқиб йўл олдим.

6

Қорағилоф эшикдан ичкариладим.

Иван Иванович қулоғидан телефондаста олди.

Шаҳодат бармоғи билан жой буюрди.

Мен буюрилмиш жой чўкдим.

Иван Иванович пўлатсандиқдан бир жузгир олди. Жузгир варақлаб-варақлаб қаради.
— Деҳқонқул Ақрабович, — деди. — Сиз порахўрлар билан ош-қатиқ бўлиб келдингиз. Сиз текинхўрлар билан олди-берди қилиб келдингаз. Бор айбингиз шу. Бу эса, айб саналмайди. Шу боис, мен бир-иккита савол бераман.. Сиз эса, саволларимга лўнда-лўнда жавоб берасиз — бўлди! Қанчалик ҳаққоний жавоб берасиз — шунчалик тез озод бўласиз! Келишдикми? Серқуёш Ўзбекистонда пахта хом ашёсини «оқ олтин» дейдилар-а? Ўзбек халқи ғоят зукко халқ — топиб айтади! Ана шу серқуёш Ўзбекистонда «оқ олтин» терими бошланди! Тез-тез жавоб берасиз — ана шу «оқ олтин» қўйнига етиб борасиз!
— Сўранг-сўранг, — дея бош ирғадим.
— Хў-ўш, биринчи сўров: ўртоқ Жамолиддинов, раисингизни олтинларини қаерга кўмиб эдингиз?

Ўйладим-ўйладим — ўйлаб ўйимга етолмадим.
— Ўйнаб қўяй, сўровингиздан, — дедим. — Қандайчикин олтинни айтаяпсиз?
— Қандайчикин бўларди — Мурунтов олтини-да.
— Олтин сариқ бўлади, деб эшитиб эдим. Аммо-лекин олтинни ўзини кўрганим йўқ.
— Мумкин, кўрмаган бўлишингиз мумкин. Чунки раисингиз олтинларни очиқча бермайди-да. Раисингиз... манавиларни кўмиб ташла... деб бирор нима бериб эдими? Ана шуни қаерга кўмиб эдингиз?
— Ўйнаб қўяй-ўйнаб қўяй, раис қаерда — мен қаерда? Раис одам менга бир нима берармиди?
— Беради! Ўзидан холис яшириб сақлаш учун беради! Ўртоқ Жамолиддинов, сиз ана шу олтин кўммангиз қаердалигини айтсангиз бўлди — сизга жавоб бериб юбораман!
— Менда олтин кўмма нима қилади, катта?
— Олдин айтинг: раисингиз олтинларни сандиққа солиб бериб эдими ё бидонга солиб бериб эдими?
— Ўйнаб қўяй, гапларингиздан, ўйнаб қўяй. Бидонга олтин соладиларми? Бидонга сув соладилар!

Иван Иванович олдимга бир рўзнома олиб келди. Рўзнома номини кўз-кўз этди.
— Кўраяпсизми, ўртоқ Жамолиддинов? — деди. — «Собеседник» рўзномаси. Бутун дунё ўқийди! Энди, «Собеседник» ичини қараймиз!

Иван Иванович рўзномани ёйди.

Рўзнома қўшалоқ бетида уюм-уюм олтин тангалар суврати бўлди. Уюм-уюм олтин узуклар билан олтин сирғалар суврати бўлди. Қат-қат юз сўмлик билан қат-қат эллик сўмликлар суврати бўлди.
— Ў-ў-ў... — дея ҳушим бошимдан учди. — Булар қаерда, катта?
— Ўзбекистонда, Деҳқонқул Ақрабович, серқуёш Ўзбекистонда! Мана, остида битиклариям бор: «Бухоро шаҳар саноат моллари савдоси идораеи бош-лиғи Шоди Қудратовдан тўрт ярим миллион сўмлик олтин пул топилди, Бухоро вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи Музаффаровдан бир миллион бир юз ўттиз бир минг... сўм пул, икки юз қирқ олти минг... сўмлик олтин буюмлар топилди»...
— Эбо-эй, эбо-эй... мунча нимани қандай қилиб топдиларингиз?
— Топамиз-да, Деҳқонқул Ақрабович, топамиз-да! Ҳали сизнинг олтин кўммаларингизниям топамиз. Мана, қандай қилиб топамиз.

Иван Иванович бармоғи билан рўзномадан олтин уюмлар остини нуқиди.

Нуқилмиш ерда бир ўра бўлди.

Ўра теварагида бешта бидон бўлди. Иккита бўз-бола ўрадан тағин бир бидонни арқон билан тортиб-тортиб олар бўлди.

Иван Иванович ана шу ўра бошида қоғоз-қалам ушлаб турар бўлди. Ўрадан бидон тортиб олишни назорат этиб турар бўлди.
— Манави сиз-да? — дея бармоғим билан нуқидим.
— Мен, ким бўларди, мен. Деҳқонқул Ақрабович, ана шу бидонлар тўла олтин! Энди айтинг, сизда ана шундай бидонлардан нечтаси бор?
— Бировгина бидонимиз бор! — дея, шаҳодат бармоғимни наррайтириб кўрсатдим. — Шу бировгина бидонимиз-да даранг-дурунг бўш ётади! Саратон чилласида шугина бидонимизни тўлдирайин деймиз — сув тополмаймиз! Ичгани сув тополмаймиз — олтинни қаердан топамиз?
— Сиз тушунмаяпсиз, Деҳқонқул Ақрабович, тушунмаяпсиз. Мен сизни олтинларингиз бор, демаяпман. Мана шу бидонларни сиздайин деҳқонлар уйидан топдим. Аслида улар Каримов, Дўстов... дегич порахўрларга тегишлидир! Ана энди тушундингизми? Сиз ана шундай олтин бидонларни қаерга кўмиб эдингиз — шуни айтасиз, бўлди!
— Айтаяпман-ку: бировгина бидонимиз бор — ичида олтини тугул, суви йўқ!
— Айтаяпман, айтаяпман... Боринг, яхшилаб ўйланг! Марҳаматимни яхшилаб мушоҳада этинг. Мен сизга энг қулай йўлни марҳамат этаяпман. Эртароқ ўйлаб бўлсангиз — ўзингизга яхши бўлади!

Иван Иванович энкайди. Елкам оша узалди. Олдимда ёйилиб турмиш рўзномани олди.
— Пуф! — деди. — Сасиб кетибсиз-а! Нима бало...
— Ундай деманг, Иван Иванович, ундай деманг. Бу ис...
— Биламан, биламан. Бутифосда ана шундай ғариб-бенаво ётгандан кўра... дарров-дарров айтиб... қайдасан, серқуёш Ўзбекистон, дея жўнаб қолсангиз бўлмайдимя?
— Бутифос ўз оти ўзи билан бутифос-да. Бошқа жой бўлса яхши бўларди-да.
— Сиз тарихий бинода ётибсиз, Деҳқонқул Ақрабович, тарихий бинода! Сиз ётган бино XVII асрда қурилган черков, ҳа, черков! Сиз зиндонда эмас, черковда ётибсиз. Шувелян ё Владикавказ зиндонларига тушганингизда кунингазни кўрардингиз! Биласизми, Шувелян зиндони ўз вақтида нима эди? Туяхона эди! Владикавказ зиндони эса оқпошшо лашкарлари отхонаси эди! У зиндонлардаги шарт-шароитлар ҳам ўз оти ўзи билан туялар ҳамда отлар учун мўлжаллангандир. Шундай экан, шукур қилинг, Деҳқонқул Ақрабович, шукур қилинг. Сиз черковда ётибсиз, черковда!

7

Тағин қорағилоф эшикдан ҳатладим.
— Қалай, Деҳқонқул Ақрабович? — дея кўнгил сўради Иван Иванович.
— Баҳарнав-баҳарнав...
— Яхши ўтирибсизми?
— Баҳарҳол-баҳарҳол...
— Хўш, ўйлаб бўлдингизми?
— Нимани ўйлаб бўламан?
— Демак... ўйламайсиз?
— Ўзи... нимани ўйлайин?
— Демак, бир-биримизга қараб ўтира берамиз?
— Ўтир, десангиз, ўтира бераман.

Иван Иванович жойидан турди. Деразадан ташқари қаради. Қўлларини чолвори чўнтаги тиқди.

Иван Иванович Ленин билан Дзержинскнй орасида бориб келди.

Бориб келди-бориб келди — бирдан айниди-қолди.
— Мен сени ўйлатаман! — деди. — Шундай ўйлатаман — Ўзбекистон файласуфи бўлиб ўйлайсан!

Иван Иванович тугма босди. Жон-жаҳди билан босди.

Аскарлар кириб келди.
— Манавини...

Иван Иванович гапни охирини имо-ишоралар билан айтди.

Аскарлар мени олдига солди. Даҳлизма-даҳлиз ҳайдади-ҳайдади — бир дарвозадан ичкари тепиб юборди.

8

Мен далбанглаб-далбанглаб бордим-бордим — зиндон киндигида серрайиб қолдим.

Теварак-бошимлаб аланг-жаланг бўлдим. Зиндондан ўлакса гўшт ҳиди анқиди.
— Хуш келибсан, Жамолиддинов, хуш келибсан! — дегич гангир-гунгур овоз эшитилди.

Нимқоронғи бурчакдан иккита қора келди. Қоралар шундай бурним остилади. Қоралардан қўланса тер сасиди. Кўнглим айниди. Илла чидаб турдим. Қоралар бирин-кетин қўл берди.
— «Садист», — деди.
— «Сокол», — деди. Қоралар мени гир-гир айланди.

Қоралар олчоқ-олчоқ гир-гир бўлди. Қоралар ялтоқ-ялтоқ гир-гир бўлди.
— Муборак шарифларини биламиз: Жамолиддинов! Аммо исмларини билмаймиз?

Қоралар бурним остида қарс-қарс бармоқ ўйнатди.

Қоралар кафтларини қулоқлари елпана этди.
— Лаббай? — деди. — Исмларини эшитайлик?

Мен миқ этмай тура бердим.
— Айтмасанг, айтма! Айтмасанг, биз сени рамзий от билан атаймиз: чурбан, чурбан! Бўладими?
— Менга қара, чурбан! Тилинг борми? Бўлса гапир?
— Гапир деяпман!
— Бу чурбан гапирмайди-ёв, «Сокол», кел, қўл тўпи ўйнаймиз.

«Садист» зиндон ўнг бурчини олди. «Сокол» зиндон чап бурчини олди.
— Бошладик!

«Садист» иягим остилатиб бир солди.

Мен кетим билан «Сокол» қошилаб гандираклаб-ганндираклаб бордим.

«Сокол» елкамдан қўшқўллаб ушлади. Ўзига ўгириб олди.

«Сокол»-да иягим остилатиб солди.

Мен кетим билан далбанглаб-далбанглаб «Садист» қўлига бориб тушдим.

«Садист» тағин «Сокол»га жўнатди.

Мен «Садист» билан «Сокол» оралиғида бориб кела бердим...

Охири ҳолдан тойдим.

Аро йўлда ўтириб қолдим. Жойимдан турайин, дея талпиндим.

Бўлмади — ўзимни тошдан ололмадим.

Бўлмади — чапим билан шилқ этиб тушдим...

Чап биқиним зир-зир зарб еди.

Зарбдан хиёл ўзимни олдим. Оҳиста-оҳиста теварак-бошим назар солдим.

Бошимда тик турмиш «Садист» билан «Сокол»ни кўрдим.

«Садист» этиги учи билан тағин чап биқиним тепиб-тепиб орди.

Чап биқиним ҳаминқадар зир-зир қақшади.
— Эй, чурбан, тур!
— Сени ким айтади — Ўзбекистон далалари лочини, деб!
— Сени ким айтади — олти миллион тонна пахта теради, деб!
— Хўш, энди айтарсан, Жамолиддинов?

Мен миқ этмадим.
— Ҳар бандани бекитиқча топган-тутгани бўлади.
— Бўлади, шундай, бўлади.
— Ҳа, ана! Ҳар бандани бир ёмон кунимга ярайди деб бекитиб қўйган бисот-бойлиги бўлади...
— Бор, бизда-да бор.
— Ҳа, яша! Ана шуларни айт! Қани-қани?

Мен бармоқ юмиб санаб-бармоқ юмиб санаб айтдим:
— Оқтупроқ далам — бир, шўртупроқ далам — икки, қумлоқ далам — уч...
— Йўқ-йўқ, мен мол-дунё маъносида айтаяпман?
— Катта, деҳқонда даладан бўлак мол-дунё пишириб ейдими? Деҳқон давлати — ер!
— Чин, чин.
— Чин бўлса, чин-да. Деҳқон давлати — ер-да! Мен дераза бет буриб олдим.

Мен мум тишладим.

Иван Иванович эжакилаб-эжакилаб сўради.

Мен мумдан-мум тишладим.

Иван Иванович қаради-қаради — тоқати тоқ бўлди. Вишш-вишш этди. Бет-бошимлаб тупурди.
— Онағар, баран... — дея вишиллади, Тупурикдан ароқ ҳиди келди.

Иван Иванович қулочкашлаб-қулочкашлаб чуйдам урди.

Мен зарбдан ағнаб тушдим.
— Йўқол, баран, йўқол!!

«Садист» билан «Сокол» орасида копток бўлиб бориб кела бердим-бориб кела бердим.

11

Мен ҳавода бармоқ юрдириб-бармоқ юрдириб олдим.
— Қоғоз-қалам беринг, — дедим.
— Қоғоз-қалам? — дея ажабланди Иван Иванович. — Қоғоз-қаламни нима қиласан?
— Ёзаман.
— Ёзасан? Кимга ёзасан?
— Прокурорга ёзаман.
— Мана, мен прокурор!
— Йўқ, Бош прокурорга ёзаман.
— Хўп, қоғоз-қалам бераман. Ёзувингни Бош прокурорга шахсан ўзим олиб бориб бераман. Ундан кейин айтасанми?

Мен йўқ, дея қайта-қайта бош чайқадим.
— Мен ҳам одамман... — дея минғилладим. Иван Иванович пешонаси тиришди. Иван Иванович энсаси қотди.
— Ким-ким? — деди. — Одамсан? Сен-а? Сен — газандасан! Олтинга ҳирс қўйган газандасан! Ўзбеклар — олтинга ҳирс қўйган газандалар! Ана, ўзбеклар кимлар! Олтин — аввало илонларни ўзига ром қилади. Илондан кейин, илонсифат халқни ўзига тортади. Илондай очкўз халқни ўзига ром қилади. Илондай маккор халқни ўзига ром қилади. Сен ўзбеклар ана шундай халқсан!

Иван Иванович олдида қалашиб-қалашиб ётмиш қоғозларни титди.
— Даволаримни далиллаб берайми? — деди. — Далиллайман, далиллайман! Мана, Каримов иши. Шу иш юзасидан бир гуруҳ терговчиларим билан Бухорони босдим. Қаерда илон бўлса — ўша ерга эътибор беринглар, дедим. Олдин, сендай бир баранни топдим. Баран отини Саид дер экан. Ана шу Саид баран бизни улкан бир қайрағоч олдига олиб борди. Саид баран ана шу қайрағоч остини ковламоқчи бўлди. Шунда, қум узра сени башарангдай бир ола-пес илон бўй берди! Илон вишиллади! Илон бўйнини бўқоқ қилди! Илон қоп-қора бошларини адл қилди! Илон қонун посбонларини ўз домига тортиш учун шайланди! Аммо қонун посбонлари-да қараб турмади, ҳа, қараб турмади! Мен дарҳол билагимдай бир темир олдим. Илон бошларига боплаб бир солдим. Домтортар илон бошлари мажақ-мажақ бўлди! Ана шундан кейин Саид баран қайрағоч остини ковлади. Қайрағоч остидан олам-жаҳон олтин зеб-зийнатлар топилди! Ана — ўзбеклар кимлар! Ўзбеклар қонун посбонларига ана шу илон мисол қрп-қора бошларини кўтаради. Ўзбеклар ана шу илон кўзлари билан боқади! Ўзбеклар ана шу илон мисол виш-виш этади! Ўзбеклар қонун посбонларини чақиб-чақиб олайин, дейди! Ўзбеклар қонун посбонларини домига тортиб-тортиб юборайин, дейди! Аммо биз — ўзбеклар бошини янчамиз! Ўзбеклар бошини ана шу илон бошларидай янчиб-янчиб ташлаймиз! Ўзбеклар бошини ана шу илон бошларидай мажақлаб-мажақлаб ташлаймиз!

Иван-Иванович юриб-юриб чекди.

Иван Иванович дераза олдида туриб-туриб чекди.

Иван Иванович деразадан ташқари қараб-қараб чекди.
— Бўпти! — деди. — Мен сени одамбашара бўлармикинсан, деб эдим, бўлмадинг, Барандан ҳам ўтдинг! Эшакми, тўнғизми — шундай бир махлуқ бўлдинг!
— Гектаридан қирқ беш центнердан пахта бердим... — дея манқаландим.
— О-о, жавр бўпти-ку-а, жавр!
— Мени оҳимни-да эшитажаклар бордир... — дея манқаландим.

12

Оҳимни эшитажак одам тополмадим. Дардимни ютиб ётдим-ётдим — бир нимани пайқаб қолдим.

«Садист» эшик тешигидан оҳиста-оҳиста овоз берди:
— «Юла», «Юла»... — деди.

Биров эшик ортидан келди. Тешикдан мўралади.
— Нима, нима? — деди.
— «Юла», қоғоз-қалам олиб кел, — деди «Садист».

«Садист» «Юла»дан қоғоз-қалам олди. «Садист» мактуб битди. Мактуб буклади. Мактуб хатжилдлади.

«Садист» хатжилдни «Юла»дан жўнатди. Мен-да тавалло этдим.
— Кимга ёзасан? — деди «Садист».
— Бола-бақраларимга-да?
— Болаларга бўлса, майли. Лекин мактуб пул билан бўлади, чурбан. «Юла» ҳар бир мактуб учун озодликдаги хеш-ақраболаримиздан пул олади. Бўлмаса, «Юла» бир қадам ҳам босмайди. Масковда таниш-билишлардан борми? Айтмоқчи, сен чурбанда таниш нима қилади. Майли, бир хайрия қиламан. Лекин бир шарт билан қиламан. Шартимни кейин айтаман. Келишдикми?

Мен майли-майли, дея бош ирғадим.

«Садист», «Юла»дан қоғоз-қалам олиб берди.

Мен кимга нома битишни ўйладим.

Бола-бақрага арз-дод этиб бўлмайди. Арз-дод этганим билан — бола-бақра қўлидан нима келади?

Зиндонбандни бор этгич-да прокурор бўлади, йўқ этгич-да прокурор бўлади. Аммо — прокурорга нома битиб бўлмайди.

Иван Иванович прокурор ўзимман... деди.

Шароф Рашидовни йўқлаб нома йўллайин дедим — Рашидов бобо оламда йўқ бўлди. У киши бор бўлсалар эди — Шароф ота, бандангни қутқар, дея нома битар эдим...

Ўртоқ Брежневга арз-дод этайин дедим — Брежнев-да йўқ бўлди.

Унда, дардимни кимга айтар бўлдим?

Ўйладим-ўйладим — ана шундай зотни топдим.

Тилим чиқмишдан буён исми шарифини ёдлаб-ёдлаб юрмиш зотни топдим.

Тилим чиқмишдан буён исми шарифини тилимдан-да, дилимдан-да қўймайин юрмиш зотни топдим.

Қўлларим қалт-қалт эта-эта битдим:

«Масковга. Кремлга. Ленин мавзолейига!

Ўртоқ Ленин! Сиз бизнинг яккаю ягона паноҳимизсиз, халоскоримизсиз!

Ўртоқ Ленин! Отамиз-да сиз, энамиз-да сиз, эмчакдошимиз-да сиз»...

Уйдан чиқмиш кечамдан ушбу кечамгачайин бўлмиш кечмишимни оқизмайин-томизмайин битдим.

Хатжилдни тилим билан ҳўллаб-ҳўллаб ёпдим.

Номамни «Юла»дан узатдим.

«Бўлди! — дея хаёлландим. — Олдин озод бўлмасам-да, ана энди озод бўламан!»

13

— Сурхондарёдан хат-хабар келдими, ҳамшаҳар чурбан? — деди «Сокол».

Мен ҳайронландим. Ажаб-ажаб қарадим.
— Кўп оғзингни очма. Биз ҳам ўша ёқдан, — деди «Садист».
— Қаердан? — дедим.
— Мозори Шарифдан.
— Мозори Шарифдан? — дея ажабландим. — Мозори Шариф Афғонистонда эмасми, «Садист»бой?
— Нима фарқи бор, чурбан. Амударё ўнг соҳили Сурхондарё, чап соҳили Афғонистон-да.
— Ҳайратондан ўтасан — афғон бўласан. Ҳайратондан қайтасан — ўзбек бўласан!
— Шундай, «Сокол»бой, шундай. Ҳайратон дегич кўприк бор.
— Бўпти-да, чурбан, бўпти-да. Биз Афғонистондан қайтишимизда ана шу Ҳайратондан ўтиб келдик.
— Афғонистонда нима қилиб юрибсизлар, «Садист»бой?
— Биз Афғонистонга байналминал бурчимизни адо этиш учун бориб эднк, чурбан.
— Брежнев бовамиз юбориб эди, дейсиз-да, «Сокол»бой?
— Афғонистонни босиб олиш Брежнев айби эмас, чурбан, Брежнев айби эмас. Брежнев ўлди-кетди. Энди бари Брежневни айблаяпти. Йўқ, Брежнев айбдор эмас. Тангриқут Пётр Биринчи! Тангриқут Пётр Биринчи бутун Осиёни Ўрусия вассали этиб олмоқчи эди. Шимол баҳримуҳити — Ҳннди баҳримуҳити — Тинч баҳримуҳити... Ана шу уч баҳримуҳит хилқати Ўрусия деб аталиши керак бўлади. Ўрусия салтанати ана шу уч баҳримуҳит хилқати аро ҳукмрон бўлиши керак бўлади. Шу мақсадда Пётр Биринчи 1716 йилда ғарандуқ Бекович-Черкасский сорбонлигида Хивага лашкар тортади. Аммо ғарандуқ лашкари Хива хони Шерғозихондан мағлуб бўлади. Ғарандуқ Бекович-Черкасский қатл этилади. Шу вақтда тангриқут Пётр Биринчи Ўрусия-Швеция урушида баён бўлади. Ғарандуқ тақдири билан иши бўлмайди. Аммо тангриқут Пётр Биринчи умри якунида иккита армон билан оламдан кўз юмади. Бир армони — Ўрусия-Пруссия урушида мағлуб бўлганлиги учун Туркиядан ўч ололмай армонда ўлади. Тағин бир армони — ғарандуқ Бекович-Черкасский қатли учун Хивадан ўч ололмай армонда ўлади. Ана шундан буён тангриқут Пётр Биринчи армони—Ўрусия салтанати армони бўлиб келади. Ана шундан буён тангриқут Пётр Биринчи армони — Улуғ Ўрис армони бўлиб келади. Ана шундан буён Ўрусия пошшолари Пётр Биринчи тангриқут боболари дастуриламалини амалга ошириш пайида бўлади.
— Эҳ-е-е, Афғонистонда йиллаб қон кечдик, чурбан, йиллаб!
— Ўлим бизга писанд эмас эди, чурбан.
— Мана мен ўз қўлим билан «душман» жонини суғуриб олдим. Бир сув сотувчи «душман» бор эди, эсингдами, «Сокол»? Кўчада сув сотиб юрарди-ю? Ўшанга сувингдан бер, десам бермади. Ўзича, бир нималар, деди. Билдим — Шўроларни сўкди. Шўроларни сўкма, дедим-да, автомат қўндоғи билан бошига бир солдим. Бошидан тирқираб қон отилди. Қонлари юзларимга сачради .«Душман» қонини лабларим билан ялаб-ялаб олдим. Бай-бай-бай, жануб қони шундай қайноқ бўлади, шундай қайноқ бўлади!..

Танамда қалтироқ қўзғалди. Бор эс-ҳушим жунбишга келди. Тилим каловланиб-каловланиб қолди.
— Мен... мен «душман» эмасман, — дедим. — Қўша-қўша орден-нишонларимиз бор. Уктабр ордени, Меҳнат Қизил Байроқ ордени...
— Демак, лайча экансан-да, чурбан? Зиндонда орден-нишондорларни лайча, дейди.
—Лайчалардан зиндонбандлар жирканади, чурбан. Асло орден-нишондорман, дема — таёқ еб ўласан!
— Тавба қилдим, менда орден-нишон йўқ, тавба қилдим! — дея талвасада қолдим. — Орден-нишон теримчи энамизда бор.
— Барибир! Орден-нишон отини айта кўрма — ўлиб кетасан!
— Мана, мен — Шўро Иттифоқи Қаҳрамониман, ҳа, Шўро Иттифоқи Қаҳрамони! Ишонмаяпсанми? Ана, «Садист»дан сўра.
— Чин, «Сокол» Шўро Иттифоқи Қаҳрамони. Қандаҳорни биласан-а? «Сокол» ана шу Қандаҳорни кунпаякун этишда қатнашди. Қандаҳорни мисоли иккинчи Сталинград этди! Қандаҳорни кунпаякун этишда кўрсатган жасорати учун Шўро Иттифоқи Қаҳрамони бўлди.
— Ана, эшитдингми, чурбан? Мени Афғонда «Сокол» дейишар эди —«Сокол!»
— Қуллуқ, «Сокол»бой, қуллуқ.
— Мен умримда чеккан эмас эдим, мен умримда ичган эмас эдим. Ана шу Афғонда ўрганиб келдим. Иттифоққа келсам — бариёқ қуп-қуруқ! Нимага бундай, дедим. Ичкиликка қарши кураш бошланди, деди. Бу аҳмоқчилик кимдан чиқди, дедим. Марказий Қўмита котиби Лигачёвдан, деди. Қаерда ўша Лигачёв — ҳозир бўғиб ўлдираман, дедим. Лигачёвга қўлинг етмайди — Лигачёв Кремлда, деди. Унда ароқдан бер — мен Афғонда қон кечиб келдим, дедим. Ароқ йўқ, деди. Бир шишагина ароқ қидириб шаҳар кездим! Барида шу гап бўлди! Мен ким, дайди ит ким — билиб бўлмади! Охири бир дўкончи ёқасидан олдим. Мен номи улуғ, супраси қуруқ Шўро Иттифоқи учун жон олиб, жон бердим — бир шишагина ароқ бер, дедим. Дўкончи мелиса чақирди. Иккита мишиқи мелиса келиб, қўлларимни қайирди. Таёқчаси билан калламга урди. Урма мени, дедим-да — бировини ариққа отиб юбордим. Кейин билсам — ўлиб қолибди.
— Шу кўргиликларни кўришимни билсам эдим — Афғондан қайтиб келмас эдим. Афғон қириб юра берар эдим.
— Бўлмади— Горбачёв қайтариб келди. Горбачёв бўлмаса эди — «душман»ларни битта қуймай қириб ташлар эдим.
— Кейин, Афғонистон ҳам ўзимизники бўлиб қолар эди.
— Ҳалиям ўзимизники. Ана, 1973 йилда Муҳаммад Довуд қўли билан Зоҳир Шоҳни тахтдан қулатиб, икки юз йиллик Афғонистон шоҳлигига барҳам бердик. Муҳаммад Довуд гапимизга кирмай бериб эди — 1978 йилда бир кечада йўқ қилдик. Тахтнн Нурмуҳаммад Тараққийга олиб бердик!
— Ҳафизулла Амин гапимизга кирмай бериб эди — 1979 йилда ўлдириб юбордик! Тахтга Бабрак Кармални олиб келиб қўйдик.
— Бабрак Кармал Масков ўтир деса ўтирмади, тур деса — турмади. Аммо Кармални аядик. 1986 йилда Иттифоққа олиб келдик. Бир кулбага назарбанди этдик. Кармал худо бехабар назарбанди бўлиб ёта берди.
— Тахтга Нажибуллони қўйдик, де.
— Нажибулло Масковга содиқ ишлаяпти. Нажибулло вафодор лайча экан.
— Ўзи, Афғонистон ўн олтинчи жумҳуриятимиз бўлиши керак эди.
— Бир ҳисобга ўн олтинчи жумҳуриятимиз бўлмаганиям яхши бўлди. Мана, манави чурбанларни Шўро ҳукумати шунча йил боқди — бари бир туземецлигича қолди!
— Чин, шу чурбанларни одам қиламиз деб — қанчадан-қанча мол-дунёмиз кетди!
— Айтгилиги йўқ.
— Яна-тағин, бу чурбанлар борига қаноат қилмай, Шўро ҳукуматини талон-торож этибди.
— Тўқликка шўхлик деб шуни айтадилар-да.
— Олдинроқ билсам эди, Ҳайратондан ўтибоқ — бари чурбанни Термизда қириб-қириб ташлар эдим!

15

— Бошқасини қўй, чурбан, бари ўтди-кетди. Эсингдами, номанг учун шарт қўйиб эдим? Ана шу шартимни энди айтаман: уйингдан тарёк олдириб келтиртарасанми-йўқми?
— Тарёк? Уйимизда тарёк нима қилади, «Садист»бой?
— Опкелтир!
— Умрим бино бўлиб тарёк нималигини билмайман, «Садист»бой. Лекин қишлоғимизда чаён чақса, бовалар тарёк суркаб даволайди.
— Ана шундан опкелтир!
— Қанча десанг — пулини берамиз!
— Ўзинг ҳам тарёк ейишни ўрганиб ол.
— Бу жойни Шўро зиндони, дейдилар.
— Шўро зиндонида тарёк еб турмасанг — ажалингдан олдин ўласан!
— Ундай деманг-е, «Садист»бой, ундай деманг-е.
— Ана, «Сокол»дан сўра. Масалан, сил кимга ёпишади? Соғлом танага ёпишади. Соғлом тана ким? Папирос чекмайдиган, тарёк емайдиган одам-да. Сен ана шундай одамсан.
— Шўро зиндонини ўз қонун-қоидалари бор, чурбан. Риоя этмасанг — ажалингдан олдин ўласан!
— Мана, айт, чурбан: сени кана чақаяптими-йўқми?
— Ўйнаб қўяй-ўйнаб қўяй, еб қўйди-я, «Садист»бой, еб қўйди!
— Биламан, кечаси билан қирт-қирт этиб чиқасан, биламан. Бизни бўлса чақмайди!
— Чунки бутун танамиз заҳар-заққум!
— Шўро канаси очидан ўлсаям бизни чақмайди!
— Бизни чақиб, заҳарланиб ўлишни хоҳламайди!
— Шўро канаси кўп ақлли кана, кўп доно кана!
— Шўро канаси ҳамиша тозаликка риоя этади!
— Шўро канаси коммунистик руҳда тарбияланган, коммунистик руҳда!
— Сени эса чиқади. Чунки сенинг тананг — коммунистик тана!
— Қўйинг-е, «Садист»бой, қўйинг-е. Умрим ўтди, лекин шу номаъқул нимани емадим — энди емайин.
— Унда, бизга опкелтириб бер!
— Майли, уйдан дарак бўла берсин, қани.

16

— Мен учун Осиё демак — тарёк демак, чурбан! — деди «Сокол». — Осиё деса, кўз олдимда тарёк намоён бўлади. Шу боисдан мен Осиёни ҳурмат қиламан! Тарёк есам — ғамдан фориғ бўламан! Ўша афғон кунларим эсимдан чиқади! Почамир хаёл бўламан, почамир! Дунё кўзимга аёл бўлиб кўринади, аёл! Тарёк — муҳаббат, чурбан, тарёк — муҳаббат! Мана, Шўро Иттифоқи учун «душман»ларни чумчуқдай қирдим, чумчуқдай! Эвазига нима кўрдим? Мана оқибати, чурбан, мана! Энди... энди одам ўлдирсам дейман, чурбан, одам ўлдирсам дейман! Қонсирайман, чурбан, қонсирайман! Одам ўлдиришдан завқ оламан, чурбан, одам ўлдиришдан завқ оламан! Аёллар билан ётишдан кўра — одам ўлдиришдан роҳат оламан, чурбан, одам ўлдиришдан роҳат оламан! Одам ўлдиришни соғинаман, чурбан, одам ўлдиришни соғинаман! Одам суюкли аёлини қандай соғинади — мен одам ўлдиришни ана шундай соғинаман! Тўшакдаги қип-яланғоч аёлни кўриб қандай роҳатлансам — ўз қурбонимни кўриб ана шундай роҳатланаман, чурбан!..

«Сокол» билан «Садист» уст-бошларини суғуриб-суғуриб отди.

«Сокол» билан «Садист»ни тарёк хумори тутди! Мен бир сесканиб олдим. Кўзларимни бот-бот юмиб очдим.

«Садист» елкаларида игна билан битилмиш капитан унвонли погон бўлди. Кўкракларида Ўроқ ва Болға битиги бўлди.

«Сокол» кўкракларида бармоқдай-бармоқдай ҳарфли «КПСС» битиги бўлди.
— Кўраяпсанми, чурбан? — деди «Сокол». — Биз мана шу тўрт ҳарфдан иборат «КПСС» учун кўкрагимизни қалқон этиб эдик. Кўкракларимиз ана шу «КПСС» қурбони бўлди!..

17

Ойлаб йўқламадилар-йўқламадилар — тағин ҳайдаб бордилар.
— Серқуёш Баранистондан саломлар бўлсин! — деди Иван Иванович. — Қаршига бориб келдим. Сенларни терговчиларинг ҳам баран-е! Маҳаллий баранларни ишимизга аралаштирмайлик-аралаштирмайлик, дедим. Йўқ, миллий урф-одатларни билади, дедилар, ўзбекчиликни билади, дедилар. Хулласи калом, орамизга Бахтиёр Абдураҳимов деган бир баран терговчини тиқдилар. Қашқадарё вилояти биринчи котиби Ғоиповни қўлга олмоқчи бўлдим. Қўлга олар одам пешонасига шартта тўппонча тирайди — қўлга олади-қўяди-да! Абдураҳимов бўлса — нуқул қўлини кўксига қўяди, нуқул теварак-бошга салом беради! Майли, ўзбекчилик... баранчилик бўлса — баранчилик-да, дедим. Индамай эргашиб бора бердим. Ичкари кирсам — Ғоипов тўрда наҳор нонуштаси еб-ичиб ўтирибди. Дастурхонини нонушта дастурхониям деб бўлмайди. Мундайроқ тўй дастурхони деса бўлади. Ғоипов бизниям чойга чақирди. Майли, баранчилик бўлса — баранчилик-да, дедим-да, бир пиёла чой ичдим. Кейин, Ғоиповни прокуратурага марҳамат этдим. «Бир-иккита саволларим бор», дедим. «Шу ерда сўраса бўлмайдими», деди Ғоипов. «Йўқ, идора яхши», дедим. Ғоипов «хўп-хўп», дея ичкарилади. Аёлига кийимларини олиб келишни буюрди. Аёли Ғоиповнинг Социалистик Меҳнат Қаҳрамони Юлдузлик камзулини олиб кирди. Шунда, ичкаридан йиғи эшитилди. Ҳадаҳалаб бордим. Қарасам — Ғоиповнинг томоғидан шариллаб-шариллаб қон отилаяпти! Оппоқ кўйлаклари қип-қизил қон! Ғоипов қўлини қорнига узатади — етмайди, тағин узатади — етмайди! Нимага узатаяпти десам — Ғоипов шу кунларда кўричагини олдирибди экан. Ғоипов ана шу тикиғли кўричагига қўлини ти-қиб — йиртиб ташламоқчи бўлибди! Ғоипов бизга қараб шундай бақирди-шундай бақирди! Оғриқ зўридан бақирмади — нафрат билан бақирди, нафрат билан! «Мустамлакачилар! Сенлардан қачон халос бўламиз!»— деди. Абдураҳимовга-ку, қутуриб бақирди. «йўқол, ўзбекнинг хоини, йўқол!» деди. Шу билан... ўлиб қолди! Кимдан пул олди, кимдан олтин олди — билиб бўлмади! Барибир билиб оламан! Ғоиповнинг саккизта бола-бақраси билан уруғ-аймоғини олиб келиб қамадим! Ана шу саккизтадан бири бўлмаса, бири айтиб беради! Ана, ўзбекчиликка риоя этиш оқибати! Ўзбекчилик — баранчилик! Бўлди — энди Сталин, Вишинскийлар йўли билан ушлайман! Сени ушлаб келдилар-у — ана шундай ушлайман!


— Ушланг, армонда қолманг, ушланг, — дедим. — Аммо-лекин бола-бақрада нима айб? Саккизта бегуноҳ жон-а, саккизта жон-а?

Иван Иванович тутақди.
— Нима-нима? — деди. — Саккизта бегуноҳ жон? Саккизтаям гапми — бари ўзбек муттаҳам, бари ўзбек! Сен ўзбеклар Шўро ҳукуматининг тўрт ярим миллиард сўм пулини еб кетгансанлар! Тўрт ярим миллиард сўм! Йўқ пахтани бор деб — тўрт ярим миллиард сўмни манави ҳаром томоқларингдан ўтказиб юборгансанлар! Еб-еб — энди бўрилар галасига ўхшаб қутулиб кетаман, деяпсанларми? Кечириб қўясанлар, кечириб! Мен — Иван Иванович Иванов, тўрт ярим миллиардни жиғилдонларингдан суғуриб оламан! Тийинма-тийин суғуриб оламан!
— Ўйнаб қўяй, ишласа — халқ ишлабди, еса — халқ ебди-да.
— Халқ ишлабди? Сен ўзбеклар ўроқда йўқ, машоқда йўқ — хирмонда ҳозир халқсан! Сен ўзбеклар боқиманда барансан! Сен ўзбеклар Масков ҳисобига кун кўрасан! Масковдан катталар борса — зар чопон кийгизасан, чўнтагига пора тиқасан. Ана, генерал Чурбанов Баранистонда бир бўлишида тўққиз юз сўмлик зар чопон кийиб келди, ўттиз минг сўм пул олиб келди!
— Ўйнаб қўяй, Чурбанов чўз, дебдики — ўзбак чўзибди.
— Масковдан катта борса бўлди — олдига олма-анор қўясан, қўй сўйиб қўясан.
— Ўзбак меҳмондўст эл, катта.
— Лаганбардор эл! Эвазига Шўро ҳукумати кўзини бўяйди! Сен баранлар Баранистонни ўзида қаноатланиб қолмайсанлар. Кўчага чиқсанг биласан — дўконларда минглаб оладўппи баранлар изғиб юрибди. Оладўппи баранлар дўконда кўзига нима кўринса бўлди — ола солиб халтасига тиқади-да, Баранистонга орқалаб кетади.

Шу вақт телефон жиринг-жиринг этди.

Иван Иванович телефонда олис гапиришиб олди.
— Ана, баран, — деди. — Раисингни ишини талаб этишаяпти. Бўл-бўл, дейишаяпти. Сен бўлса — ўжар эшак бўлиб ўтирибсан!

Мен номамдан умидвор бўлдим. Ўзимни орқага ташладим:
— Ўйлаяпман, — дедим. — Айтаман, ўзим айтаман.
— Бўпти, тағин бир ўйла.

18

— ...Қайтариб айтаман, баран: бу ерда Худо ҳам мен, пайғамбар ҳам мен!
— Гектаридан эллик центнердан пахта берган йилларим-да бўлди...
— Эшакни хизмати ҳалол — ўзи ҳаром!
— Мени-да арз-додимни эшитар одам бордир...
— Зах зиндонда додингни ким эшитади, ким?
— Нома битиб эдим. Ҳализамат йўқлайди...
— Нома? Қачон-қачон?
— Уч-тўрт ой бўлиб қолди.
— Уч-тўрт ой, уч-тўрт ой...

Иван Иванович ўзича шундай дея-дея, пўлатсандиқ очди.

Сандиқдан бир даста хатжилд олди. Олдимлатиб ташлади.
— Ана! — деди, —шулар ичидан ўз номангни топ қани!

Мен битта-битталаб хатжилд қарадим. Ниҳоят — ўз номамни топиб олдим. Юрагим шувв этди! Номам термулиб-термулиб қолдим...
— Топдингми? Қани, бер қани, очиб ўқийлик қани, — деди Иван Иванович. — Хў-ўш... «Масковга. Кремлга. Ленин мавзолейига! Ўртоқ Ленин! Сиз бизнинг яккаю ягона паноҳимизсиз, халоскоримизсиз, ўртоқ Ленин! Отамиз-да сиз, энамиз-да сиз, эмчакдошимиз-да сиз»...

Иван Иванович кет чалқайиб-кет чалқайиб кулди.

Иван Иванович қорин ушлаб-қорин ушлаб кулди.

Иван Иванович кўз ёшлаб-кўз ёшлаб кулди.
— Чехов бўл-е, Чехов! — дея кўз артди. — Чехов қаҳрамонлари бобом қишлоғига, деб нома битади-ю? Сен ҳам Ленин бобом мавзолейига, деб битибсан-да? «Осиё устида бўрон» деган бир киноларинг бор эди, эсингдами? Ўшанда сендай бир баран Ленинга нома битади. Ўша, баран оти нима эди...
— Шукур Бурҳонов.
— Йў-ўқ, сен ўша баранни ўйнаган ижрочини айтаяпсан. Оти... оти Юсуф Ялангтўш! Юсуф Ялангтўш эртаю кеч Лениндан жавобнома қарайди... қарайди! Ленин бўлса, Кремлда ўтириб... Туркистонни забт этиш йўлларини ўйлайди! Юсуф Ялангтўшдай босмачи баранларни қириб ташлаш йўлларини ўйлайди! Ўшанда йигирманчи йиллар эди. Қара, шунча йил ўтибди — сен ўзбеклар ҳалиям барандан одамга айланмабсанлар!
— Сабр таги олтин, дейдилар. Мени-да бошимга офтоб тегиб қолар.
— Офтоб? Қандай офтоб? Э, ҳа, офтоб бўлса офтоб-да!

Пван Иванович номамни бошим узра ошириб отди.
— Ана, бошингга офтоб тегди, ана! — деди. — Ура-а-а, баранлар бошига офтоб тегди, ура-а-а!

Иван Иванович папирос эзғилади. Лабларига папирос қистирди. Чирсиллатиб гугурт чақди.

Иван Иванович бурқситиб-бурқситиб папирос тортди.
— Қулоқ сол, баран, —деди. — Сен Ленинга нома битиб аҳмоқ бўлма. Яхшилаб эшитиб ол. Чин, бу жойлар Шўро зиндони, деб аталади. Аслида эса ундай эмас. Бу жойларни «Қизил зона», дейдилар. «Қизил зона»нинг ўз қонун-қоидалари бўлади. Зиндон ана шу «Қизил зона» қонун-қоидаларига бўйсунади. «Қизил зона»да Ленин йўқ! «Қизил зона»да Шўрр ҳукумати йўқ! «Қизил зона»да адолат йўқ! «Қизил зона»да инсон ор-номуси, инсон шон-шуҳра-ти, инсон қадр-қиммати... йўқ, йўқ! Тағин йўқ! «Қизил зона» ўз номи ўзи билан — қизил, қизил! Қизил ранг — қон ранг! Қон ранг билан ўйнашма, баран, қон ранг билан ўйнашма! Акс ҳолда — қизил қонингга бўяласан! Акс ҳолда—қизил қурбонлик бўласан, қизил қурбонлик!..
— Бергансан! Сен — раисингга узатасан, раисинг — туманингга узатади, туманинг — вилоятингга узатади, вилоятинг — Марказкомга узатади!
— Ўлла ўлайин, бировга пора берган бўлсам-а!
— Қатталарга бир нима узатмасанг... қандай қилиб бригадир бўлдинг?
— Мен меҳнат қила бердим-меҳнат қила бердим — раисимиз кўтара берди-кўтара берди.
— Кечириб қўясан, баран, кечириб қўясан! Ўзбекистон катталари олдин бир нима олади —ана ундан кейин бардор-бардор этади!
— Ўлла ўлайин, агар-а...
— Унда, қандай қилиб пахта топширишни узлуксиз бажариб келдинг? Узлуксиз-а, узлуксиз!
— Мен ерга тер тўка бердим-тер тўка бердим — ер менга ҳосил бера берди-ҳосил бера берди.
— Кечириб қўясан, баран, кечириб қўясан! Сен ўзбеклар ерга тер тўкмайсан! Йўқ-йўқ, сен ўзбеклар ерга тер тўкмайсан! Сен ўзбеклар... ергаям пора берасан! Ҳа, сен ўзбеклар ергаям пора берасан! Пахталарингни деярли ярим фоизи қўшиб ёзилган! Ҳа-ҳа, қўшиб ёзилган! Қўшиб ёзиш учун эса — тахи бузилмаган «Ленин»дан узатиш лозим бўлади!

Энди айт, раисингга нечта «Ленин» узатдинг?
— Ўйнаб қўяй, «Ленин»дан, ўйнаб қўяй! Йўқ «Ленин»ни қаердан оламан?

Иван Иванович ҳўппаклаб-ҳўппаклаб қулоқ-чаккам солди.

Мен ўтирғичдан жалпиллаб-жалпиллаб учиб тушдим.

Ўнг қулоқ-чаккам қизиб-қизиб оғриди. Ўнг қулоқ-чаккам шанғ-шанғ оғриди.

Шу кундан эътиборан ўнг қулоғим чиппа-чиппа битди-қолди.

20

— Усмонхўжаевни биласан-а? — деди Иван Иванович.
— Эса-чи. У киши пошшомиз бўладилар! — дедим.
— Ана шу пошшонг Ўзбекистон булбули бўлиб сайради! Навоий, Бобур... дегич баран шоирлар ғазалларида булбуллар хониш этади-ю? Пошшонг ана шундай булбул бўлиб хониш этди!
— Эб-е, у киши-да зиндонбандми, эб-е?
— Ҳа-да, зиндонбанд-да! Лекин Усмонхўжаевнинг аёли Элнурини гапга киритиб бўлмади. Элнури ойлаб банди бўлиб ётди. «Эринг Усмонхўжаев тамом бўлди — энди эрингдан кеч», дедим. Қани кечса! Бошига ит кунини солдим! Охири масалани кўндаланг қўйдим: «ё, эрингдан кечасан, ё, жонингдан кечасан», дедим. «Майли, жонимдан кечаман, лекин эримдан кечмайман», деди Элнури. Ана аёл — мана аёл! Айтганда ҳам — юзимга тупуриб-юзимга тупуриб айтди! Юзимга тупурса ҳам майли — барибир Элнурига қойил бўлдим! Ана шундан кейин бутун ўзбек аёлларига қойил бўлдим!

Иван Иванович пўлатсандиқдан семиздан-семиз бир жилдтахлам олиб келиб очди.
— Хў-ўш, пошшо ҳазратингни Бош Прокуроримиз ўрнибосари ўртоқ Васильев сўроқ қилдилар. Мана, сўроқ варақаси. Қулоқ сол, ана шу сўроқдан пича ўқиб бераман:

ВАСИЛЬЕВ: Сиз бир неча бор СССР Бош Прокурори номига арзномалар билан мурожаат этибсиз. Сиз бу арзномаларда қандай йўллар билан пора олиб-пора берганлигингизни баён этибсиз.

УСМОНХЎЖАЕВ: Мени ушбу йил ўн тўққизинчи ўктабрида зиндонбанд этдилар. Мен илк кунданоқ ҳалол йўлдан бордим. Оқни оқ, дедим, қорани қора, дедим! Барча жавобгарликни бўйнимга олиб айтдим. Тағин айтаман: ҳа, пора олиб-пора бериш — Ўзбекистондан Масковгача кундалик воқеа эди!

ВАСИЛЬЕВ: Кимларга пора бериб эдингиз?

УСМОНХЎЖАЕВ: Мен бировга туҳмат қилмасдан айтиб бераман! Мен нима бўлди — ана шуни айтиб бераман!..

Мен КПСС Марказий Қўмитаси ташкилий-фирқавий ишлар мудири СМИРНОВга эллик минг сўм бердим. Боиси — Смирнов очиқ-ойдин пул талаб қилди-да! «Ёрдам бер-чи, ёрдам бер!» деди-да!

Мен КПСС Марказий Қўмитаси котиби РОМАНОВга бир дипломат олиб келиб бердим. Дипломатда турли-туман миллий совға-саломлар ҳамда йигирма беш минг сўм пул бор эди.

Мен КПСС Марказий Қўмитаси котиби КАПИТОНОВга икки маротаба эллик минг-эллик мингдан юз минг сўм пул бердим. Берганда-да — ўртоқ Капитоновни фирқавий ишхонасида бердим!

Мен КПСС Марказий Қўмитаси ҳузуридаги фирқа назорати қўмитаси раиси СОЛОМЕНЦЕВга юз минг сўм пул бердим. Соломенцевга ҳам ўз фирқавий ишхонасида бердим!

Мен СССР Бош Прокурори РЕКУНКОВга Юрмала шаҳрида эллик минг сўм пул бердим. Бош Прокурор қўлимдан пулни олди-олди-да, миннатдорчилик билдирди. «Қўллаб-қувватлайман», деб ваъдалар берди.

Тошкентда РЕКУНКОВга тағин эллик минг сўм пул бердим. СССР Бош Прокурори тағин миннатдорчилик билдира-билдира — қўлимдан пулни олди.

Мен СССР Олий суди раиси ТЕРЕБИЛОВга қирқ минг сўм пул бердим. Икки минг саккиз юз сўмлик гилам бердим. Гиламни Ўзбекистон Марказий Қўмитаси ишлар бошқармаси ходимлари тайёрага аранг-аранг юкладилар.

Мен КПСС Марказий Қўмитаси котиби ўртоқ ЛИГАЧЕВга олтмиш минг сўм пул бердим!..»

Иван Иванович жилдтахламни ёпди. Ипларини бойлади.
— Ана, эшитдингми? — деди, —Пошшои аъзаминг-а, пошшои аъзаминг!

21

Мен... илойим, қулоғим карлиги чин бўлсин, дедим.

Мен... илойим, бари айбни карлигимдан кўрайин, дедим.

Мен... илойим, умрбод кар бўлсам бўлайин — аммо-лекин... ана шу гапларни эшитмаган бўлайин, дедим.

Шу боис — дераза боқиб ўтира бердим.
— Ҳа, намунча безрайиб қолдинг?

Шунда-да Иван Иванович қайрилиб боқмадим.
— Ана сиз, ана Масков... — дея минғилладим.
— У нима деганинг?
— Ана, пошшомиз оппа-ойдин айтиб бераяптилар-ку? Масковга ўз-ўзидан чойчақа узатиб... Ўзбекистонни калласи шамолда қоптими? Масков қўл чўзадики — Ўзбекистон садақа беради!
— Масковга тил теккизма, баран, Масковга тил теккизма!
— Масков бўлмаса — масковчи катталар! Ана, пошшомиз масковчи катталарни оппа-ойдин айтаяптилар! Яна-тағин... номма-ном айтаяптилар, номма-ном! Ана, масковчи катталарни банди этиб гапириша беринг-да!
— Йўқ, баран, йўқ! Менинг масковчи катталар билан ишим йўқ! Масковчи катталар — ўзимизникилар! Ўзимизникилар — Улуғ Ўрис! Улуғ Ўрис билан ишим йўқ! Улуғ Ўрис нима қилиқ қилади — бари ярашади! Мен — сен баранлар билан ишим бор!
— Ё, пирим-е, ё, пирим-е, бизда мима айб?
— Масковга пора бергансан!
— Ҳолвани ҳоким ейди — калтакни етим ейди, дейдилар...

Иван Иванович бошимлаб келди. Иван Иванович ҳалқумимдан ғиппа бўғиб кўтарди.
— Киноларда Африка ола-була эшагини кўрганмисан? — деди. — Манави юзларингдай ола-пес эшак? Сен ана шу Африка ола эшагига келбат берасан! Манави ола-чипор юзларинг ҳам айтиб турибди. Африка ола эшаги Африкада нима ўжарлик этса этади. Боиси, Африка — ўз оти ўзи билан Африка. Бу ер эса — Масков! Сенинг Африка ола эшагидай ўжарлигинг Масковда кетмайди!

Иван Иванович мени силкилаб-силкилаб ташлади.

Мен гуп этиб тушдим.

Иван Иванович олдимга қоғоз-қалам қўйди.
— Ма, ёз! Раисимизга ўн минг сўм берганман, деб ёз! — деди. — Тағин Африка ола эшагидай қайсарлик эта берсанг — манави миянгга тўққиз мисқол қўрғошин қуйиб қўяман! Қани, ёз!
— Мен ҳали умримда қўлимга ўн минг сўм пул ушлаган эмасман, катта.
— Биламан, Африка ола эшаги! Биламан, Африка қайсар эшаги! Сен раисимизга ўн минг сўм бердим, деб ёз — бўлди!

Мен қоғоз музтар бўлиб-қоғоз музтар бўлиб ўтира бердим.

Қаламни қўлимга-да олмадим!
— Соат тўрт бўлаяпти, ҳадемай тонг отади! Бўл, баран, бўл!

Мен кўзим кетиб-кўзим кетиб ўтира бердим. Иван Иванович бетимга шама сепиб ташлади. Мен сескана-сескана кўз очдим.
— Раисимизга ўн минг сўм бердим деб, қоғоз қоралаб бер — бўлди!

Мен йўқ дея-йўқ дея, бош чайқадим.
— Уҳ, Африка ола эшаги! Уҳ, Африка қайсар эшаги!

Иван Иванович ўнг биқиним оралатиб-оралатиб тепди.

Иван Иванович чап биқиним оралатиб-оралатиб тепди.

Иван Иванович чатаноқларим оралатиб-оралатиб тепди.

22

Иван Иванович назорат этиб турди. Дўхтир аёл мадда-мадда яраларимни мой дорилади.

Дўхтир аёл қон-қон яраларимни кўк дорилади. Дўхтир аёл моматалоқ-моматалоқ яраларимни йод дорилади.

Дўхтир аёл... баданларимни қаради-қаради... пиқ-пиқ йиғлади...
— Нега йиғлаяпсиз? — деди Иван Иванович. — Нима бўлди, Нина Сергеевна?

Дўхтир аёл оғиз бекитиб-оғиз бекитиб йиғлади.
— Мен... мен Ўзбекистонда беш-олти йил ишлаб эдим, — дея йиғлади. — Бечора халқ-а, бечорагина халқ-а...
— Шу баранларни нимасига куясиз? Бари ҳаромтомоқ, бари боқиманда!
— Ўзбекистон ундай эмас... Ўзбеклар ундай эмас...

23

— Далилингиз бордир-да: раисимизни қулф-калит этиб ўтирибсиз?
— Бўлади, далил бўлади!
— Унда, мени беёзиқдан-беёзиқ банди этманг-да? Мен бола-бақрам олдига борайин-да?
— Йўқ! Мен Иван Ивановичман! Ўзларингни ўз қўлларинг билан йўқ қиламан! Бировингни кўзингни бировингга ўйдираман! Бировингни каллангни бировингга едираман! Бировингни жонингни биройингга олдираман! Ўзим эса — пок-покиза бўлиб қоламан! Бу йўл — Иван Иванович Ивановлар йўли!
— Худо хайрингизни берсин, беёзиқдан-беёзиқ...
— Эшак семирса охурини булғайди, дейдилар! Сен баранлар мазахўрак бўлиб қолдинг, мазахўрак! Сен баранлар қорнинг тўйиб қолди! Шундай кета берсаларинг — қанжиқ итдай болалаб бора берасанлар! Ана, кўз очиб юмгунча йигирма миллиён бўлдиларинг! Йигирма миллиён халқ-а! Сен боқимандаларга нонни қаердан топамиз! Йўқ, биз йигирма миллиён боқимандани боқмаймиз! Балиқ бошидан сасийди, бошидан! Йигирма миллиённи бош-бошлиқларингдан бошлаб камайтирамиз! Бош-бошларингдан бошлаб камайтирамиз!

Ўз-ўзидан кўнглим озди. Юрагим беҳол бўлди. Кўзларим тинди.

Сув, дейин дедим — ҳолим келмади.

Олдимда турмиш пиёла узалдим. Чойқолдиқни оғзим олдим.

Иван Иванович қўлимдан пиёлани юлқилаб-юлқилаб олди.
— Буёққа ол! — деди. — Сенга ким қўйибди чой ичишни!

Оғзимдаги оғзимда қолди, бўғзимдаги бўғзимда қолди. Мен мўл-мўлт қолдим.

Иван Иванович бошмалдоғини лунжларимга нуқиб-нуқиб олди.

Оғзимда турмиш чой пирқ-пирқ отилди.

Томоғимда турмиш чой тиқилиб-тиқилиб қолди.

Мен қир-қир йўталдим.

Мен кўзларим ёшланиб-ёшланиб йўталдим.

Мен Иван Ивановичга мўлт-мўлт боқиб йўталдим.
— Ўл, шу кунингга! — деди Иван Иванович. — Иван Иванович Ивановлар пиёласидан чой ичишни сен баранларга ким қўйибди?! Ана шундай йўталиб-йўталиб — Бобомурод Омоновдай ўласан-қоласан! Намунча анграясан? Ҳа, Бобомурод Омонов ўлди! Термиз кетган терговчиларим телефонда айтиб берди. Омонов ўз ажали билан ўлди, деб ўйлайсанми? Ана шу-да, барансан-да, баран! Омонов ҳам сендай оёқ тираб туриб олиб эди. Нимани сўраса —«Усмонхўжаевга жавоб бераман, Усмонхўжаевга жавоб бераман», деб туриб олиб эди. Охири... олгичини олди! Ўлимичи этиб урдилар! Тепиб-тепиб — музхонага олиб кириб ташладилар! Етмиш яшар чол музхонага бардош берармиди? Ана, ўлди-кетди! Бобомурод Омонов — Социалистик Меҳнат Қаҳрамони эди, Улуғ Ватан уруши иштирокчиси эди, халқ депутати эди! Сен кимсан?! Итдай ўласан-кетасан! Йўқол, йигирма миллиён баран, йўқол!

24

Юзтубан бўлиб ёта бердим. Шунда, елкамдан тепки едим. Мен бошимни кўтариб қарадим. Бошимда «Садист» билан «Сокол» турди.
— Ҳа, чурбан? — деди «Садист», — ўлиб-пўлиб қолмадингми?
— Ўлма, қўй, ўлма, — деди «Сокол». — Сен ҳали бизга кераксан.
— Нимага миқ этмайсан, гапир.

Мен дармоним йўқ, дея бош чайқадим. Ҳовучимни оғзим олиб бордим — сув, ишорасини бердим.
— Масала равшан, — деди «Садист». — Бечора чурбан оч.
— Ярим кечада қаердан тўқ бўлади, — деди «Сокол».
— Энди биратўла тамадди этади-да.
— Олдин ҳожат олиб бориб келайлик.
— Қани, қўлтиғидан ол.

«Садист» билан «Сокол» ҳидоят қўлларини узатди.

Мени оҳиста-оҳиста тувак олиб борди.

Кўнглим «Садист» билан «Сокол» ҳидоятидан таскин олди.

«Урсалар-да майли. Шулар бўлмаса, ҳолим не кечар эди?» — дея хаёлландим.

Бурчакда турмиш тувак олдида тик бўлдим.
— Тескари қараб туринглар, — дедим.
— Уяласанми? Йўғ-е?
— Уялади-да! — деди «Садист», — Ўзбеклар биров олдида ёзилиш уёқда турсин... Ўзбеклар тикка туриб чоптирмайди!
— Ор-номусли ўзбек халқининг садағаси кетсанг-да! — деди «Сокол».

«Садист» билан «Сокол» шундай дея-дея, тескари бўлиб турди.

25

...Мен чолворимни тортиб-тортиб тугмаладим. Мен тувакдан бир қадам олдин босиб турдим.
— Бўлди! Ана энди қарай беринглар! — дедим. «Садист» билан «Сокол» тағин қўлтиқларимдан кирди. Тиззаларимдан олиб тош ўтирғизди.

Ажабдан бир «Садист» қарадим, бир «Сокол» қарадим.
— Нима қилаяпсизлар? Мен ўтириб бўлдим! — дедим.
— Энди... тамадди этамиз!
— Қани, палов егич қўлингни бер, қани. «Садист» ўнг қўлимни олди. Тувак олиб борди.

Кафтимни... тезагим босди.
— Ай, нима қилаяпсизлар, ай!..
— Сени тамадди эттирамиз.
— Бечорагина, ҳолдан тойиб қолдинг.
— Бари томоқдан-да, томоқдан.
— Қани, ошамлаб-ошамлаб ол, қани.
— Ай, у тезак, у тезак!.. — дея, типир-типир этдим.
— Нима фарқи бор? — деди «Садист». —Атала олдин қозонда эди. Қозондан косага ўтди. Косадан қорнингга ўтди. Қорнингдан тувакка ўтди. Мана энди... тағин қорнингга ўтади! Ўша-ўша атала!
— Чин, у тешикдан киради — бу тешикдан чиқади! — деди «Сокол».
— Ҳа-да, фарқи йўқ! Фарқи — бир тешик юқорида, бир тешик қуйида!.. — деди «Садист».
— Қани, катта-катта ол, қани!

Мен бармоқларимни юммадим. Мен бармоқларимни тик тутдим.
— Ўлдир! — дедим. —Майли, ўлдир!..
— Йўқ, биз сени ўлдирмаймиз.
— Биз сени тамадди эттирамиз, тамадди. Жойимдан турайин, дея талпиндим. Тувак оёқ тираб кучандим.

Мен «Садист» билан «Сокол»га куч бермадим.

Шунда, «Сокол» чуйдамдан босди.

Мен шунда-да куч бермадим!

Энди, «Садист» бўйнимни чатаноқлари ораси олиб-олиб бўғди. Кекирдагимга бошмалдоқ босиб-босиб бўғди...

Мен оғзимни каппа-каппа очдим. Ҳир-ҳир этдим.

«Сокол» қўлрўмол билан тезак олди. Мисоли палов ошатмишдайин-палов ошатмишдайин оғзим солди.

Мен ютинмадим— тезагимнн оғзимда ушлаб турдим.

«Садист» бошимни чайқаб-чайқаб олди. «Садист» бошимни силтаб-силтаб олди.

Мен шунда-да ютинмадим!

«Сокол» ичимга созлаб-созлаб кўрмушт урди!

Ичим шилқ этди!

Ичим тортди—тезагимни тортиб олди...
— Ош бўлсин! — деди «Садист».
— Ош бўлсин! — деди «Сокол».
— Ўқчияпти... туйилиб қолди-ёв!
— Туйилиб қолса... тўқсон беш чой ичирамиз-да! «Садист» тувакдан бир ҳовуч сийдик олди. Оғзимдан сийдик қуйди...
— Ош бўлсин!

26

— Бир йилдан ошди! — деди Иван Иванович. — Африка ола эшагидай оёқ тираб ётишингга ҳам бир йилдан ошди! Ёта бер, қайсар эшак бўлиб ёта бер! Ана шундай ўласан-кетасан!
— Бировга ўлим тиламанг. Ажали етган ўлади.
— Ўласан! Бекордан-бекор ўласан! Хўш, ўлсанг — сен баранни ким йўқлайди! Йўқлайдиган йўлбошчинг қолмади! Мана, қулоқ сол: раисинг Ботиров зиндонда ётибди. Ижроқўм раисинг Холиқулов зиндонда ўз томирини ўзи кесиб ўлди! Туманинг фирқа қўмитаси биринчи котиби Мирзабоев зиндон иккинчи қаватидан ўзини ўзи ташлаб ўлди! Вилоятинг ижроқўми раиси Бекназаров зиндонда ўз жонига ўзи қасд этиб ўлди! Вилоятинг фирқа қўмитаси биринчи котиби Каримов зиндонда ётибди. Ўзбекистон Ички Ишлар вазири Яҳёев зиндонда ётибди. Ўзбекистон Бош Прокурори Бўрихўжаев зиндонда ётибди. Ўзбекистон Бош Вазири Худойбердиев зиндонда ётибди, Ўзбекистон Жумҳурияти Қўмитаси биринчи котиби Усмонхўжаев эиндонда ётибди! Ана, раисингдан тортиб пошшонггача зиндонда ётибди! Бор бошпаноҳинг зиндонда ётибди! Хўш, энди сени ким йўқлайди?

«Чин, чин, — дея ўйлаб қолдим. — Раисимиздан тортиб, пошшомизгачайин зиндонда ётибди-я!»
— Зиндонимда йигирма беш минг бўлдиларинг — йигирма беш минг! Бари зиндонбандларим — Йўлчи Юлдуз зиндонбандлар! Зиндонимда тўртта Марказқўм котиби ётибди — Усмонхўжаев, Айтмуродов, Салимов, Абдуллаева! Зиндонимда йигирмата генерал ётибди! Генерал Яҳёев... Дунёда генерал зоти тўлиб ётибди, баран. Лекин ўзбек Яҳёевдайи камдан-кам топилади. Ўзбек Яҳёевдан Масков генераллари ҳам сабоқ олар эди. Масков генералларидан битта Шчелоковни ўзбек Яҳёев билан ёнма-ён қўйса бўлар эди. Бошқа генераллар ўзбек Яҳёев олдидан ўта берсин эди. Ана шу Яҳёевдай йигирмата генералинг зиндонимда ётибди! Зиндонимда саккизта вилоят котиби ётибди. Зиндонимда ўнта Социалистик Меҳнат Қаҳрамони ётибди! Ўнта Социалистик Меҳнат Қаҳрамониям Ўзбекистон юлдузлари! Жами йигирма беш минг йўлчи Юлдузинг зиндонимда ётибди!

Иван Иванович зўрма-зўраки илжайди.
— Йўлчи юлдузларингни бола-чақаси-ю, қариндош-уруғлариям зиндонимда ётибди! — дея илжайди. — Пошшонг Усмонхўжаевни йигирма учта бола-чақаси билан қариндош-уруғи ётибди! Биласанми пошшонг Усмонхўжаевни зиндонбанд этиш учун ким қўл қўйди? СССР Олий Совети Президиуми раиси ўртоқ Громико қўл қўйди, Громико! Хў-ўш... Каримовни йигирма битта бола-чақаси ётибди! Худойбергановни ўн бешта бола-чақаси ётибди! Камолов, Ражабов, Жабборов дегичларни саккиз-тўққизталаб бола-чақаси зиндонимда ётибди!.. Қаҳрамон Оналаринггача зиндонимда ётибди — Қаҳрамон Оналаринггача! Зиндонбандим Саидова ўн иккита фарзанд онаси бўлади! Зиндонбандим Долиева ўн битта фарзанд онаси бўлади! Зиндонбандим Матғомова ўн битта фарзанд онаси бўлади! Зиндонбандим Алимова тўққизта фарзанд онаси бўлади...

Иван Иванович илжая-илжая чой ичди.
— Анави пайғамбарингни оти нима эди... Хў-ўш... хотирам ўлсин-а... Афсус, ўша пайғамбарингни қўлига кишан солишга улгуролмадим, афсус. Худо мендан олдин жонини олиб қўйди! Ўша пайғамбарингни оти нима эди...
— Муҳаммад пайғамбар.

— Йўқ-йўқ... Хў-ўш... Шароф Рашидов! Афсус, Шароф Рашидовингни зиндонбанд этишга улгуролмадим, минг афсус!..

Иван Иванович пўриллатиб-пўриллатиб чой ичди. Иван Иванович киборона-киборона айтди:
— Энди... Ўзбекистон тож-тахтини ўзимиз бошқарамиз! Ўзбекистон Марказқўми котиби Анишчев, Ўзбекистон Халқ Назорати Қўмитаси раиси Ефимов, Ўзбекистон Бош Прокурори Бутурлин, Тошкент шаҳар прокурори Теркин, Тошкент шаҳар фирқа қўмитаси биринчи котиби Сатин... Жами ўттизтача азамат! Азаматларни Масков юборди! Насиб бўлса — ана шу азаматлар Ўзбекистонда пичоққа илашадиган ўзбекни омон қолдирмайди! Насиб бўлса — ана шу азаматлар бош кўтарган ўзбекни бошини янчиб-янчиб келади! Насиб бўлса — ана шу азаматлар кўзи очилган ўзбекни кўзини ўйиб-ўйиб келади!

Девордан садо бўлди — мендан садо бўлмади.

Мен тошдай-тошдай бўлиб ўтира бердим.

Иван Иванович ҳориқулодда айниди...

Иван Иванович заҳар юз бўлди.

Иван Иванович тана кўз бўлди.

Иван Иванович қалт-қалт қўл бўлди.
— Ҳали зиндонбандларим эллик мингта бўлади! Ҳали зиндонбандларим юз мингта бўлади! — дея лик этиб турди. — Пичоққа илашажак ўзбек — омон қолмайди! Ўзбекистон — тутдай каллак бўлади!
— «Сокол», синдир оёғини, синдир!

«Сокол» этик учи билан тиззаларим кўзилаб-тиззаларим кўзилаб тепди.

Тиззаларим этик тепкиларни кўтаролмади. Тиззаларим ўз-ўзидан ёйилди.

Шунда, чолворим лип этиб тушди...
— Бай-бай-бай! — дея, «Садист» қуймучларим шапатилади. — Тарвуз, мисоли тарвуз!
— Умр бўйи ётиб егач... тарвуздай бўлади-да!
— Билқиллайди-я, билқиллайди! — дея, «Садист» қуймучларим шапатилади.

Мен бор овозим билан бақирдим:
— «Юла»-а-а-а!..
— Бақирма, чурбан, бақирма! Ярим кечада «Юла» қолдими!
— «Юла»-а-а-а!.. — дея, йиғлаб-йиғлаб қўя бердим.
— Бақирма деяпман!
— Нима... қизмисан?
— Қизмидингки... дод дейсан?
— «Юла-а-а-а!.. — дея, йиғлаб-йиғлаб қўя бердим. Осмон — тош бўлди. Ер — тош бўлди. Девор — тош бўлди...
— Айтаман, «Садист»бой, айтаман! — дея, йиғлаб-йиғлаб ёлбордим.
— Ана энди ўзингга келаяпсан! — дедилар.
— Қўйберинг, «Сокол»бой, мени қўйберинг! — дея, ёлбориб-ёлбориб йиғладим. — Айтаман, «Садист»бой, мана-мана айтаман!
— Ана энди эсинг кирди! — дедилар. Мендан қўл олдилар.

28

Оппоқ қоғоз тикилиб-тикилиб шайландим. Қалам ушлаб-ушлаб шайландим.
— Қани, ёз, қани, — деди Иван Иванович. — СССР Бош Прокурори ўринбосари ўртоқ Сорокога...

Иван Иванович айтиб-айтиб турди.

Мен битта қолдирмайин, битиб-битиб турдим.
— Қани, менга бер, қани, — деди Иван Иванович. — Ай, кучингдан, жигит! Ана энди жигитмисан-жигит бўлдинг! Шугина гап учун Шўро қонун посбонларини бир йилдан зиёд қийнадинг-а!
— Энди... уст-бошимни берсангиз деб эдим.
— Уст-бош? Уст-бошни нима қиласан?
— Манави зиндони уст-бош билан қишлоқ бориб бўладими? Эл-юрт нима дейди? Дўст бор, душман бор...

Иван Иванович оғиз ушлаб-оғиз ушлаб кулди.

Иван Иванович бет чангаллаб-бет чангаллаб кулди.

Иван Иванович кўз артиб-кўз артиб кулди.
— Ҳай, жигит-ай, жигит-ай!.. — деди. — Айт, тағин нима қилай?
— Тағин... мени кечаси бир маҳалда олиб келиб эдилар. Мен бедирамдан-бедирам келиб эдим. Шу боис... айта берайинми?
— Айт-айт?
— Шу боис... бир-икки сўм йўлкира қарз бериб турсангиз... деб эдим. Бола-бақрам олдига эсон-омон етиб борсам армоним йўқ... Омонатингизни чақама-чақа жўнатаман...

Иван Иванович хандон-хандон кулди.

Ўнинчи боб

1

Сайёр суд Денов пахта заводи маданият саройида бўлди.
— Жойингиздан туринг, суд келаяпти! Эл-юрт тўла сарой бир қалқиб олди.
— ...Айбдор Жамолиддинов Деҳқонқул Ақрабовичга сўнгсўз берилади!

Бола-бақраларим қошимда бўлди. Хеш-ақраболарим қошимда бўлди. Кўнгил етарларим-да қошимда бўлди. Унда, тағин, кимим... тағин кимим йўқ бўлди?
— Шу... шу, далаларимни бир кўриб кетайин, — дедим.
— Кимни-кимни? — деди қозикалон.
— Далаларимни бир кўриб кетайин...

Қозилар ўзаро қарашиб-қарашиб олди. Қозилар ўзаро бош ирғашиб-бош ирғашиб олди.
— ...Жамолиддинов Деҳқонқул Ақрабович Ўзбекистон Жумҳурияти жиноят тузугининг 153-моддасига биноан... саккиз йил муддат билан озодликдан маҳрум этилади!

Эл-юрт тўла сарой бир йиғлаб олди!

2

Зиндонмашина равон-равон юрди. Зиндонмашина дўқиб-дўқиб юрди.

Зиндонмашина бир жойда манзил этди.

Темир эшик ланг очилди.

Қизил аскар автомат билан туш, ишорасини берди.

Мен зиндонмашинадан тап этиб тушдим.

Фавқулодда ёруғдан кўз очолмадим. Кўзларимни чирт юмиб турдим.

Оҳиста-оҳиста кўз очдим...

Ўзимни... ўзимни шийпонимиз олдида кўрдим!

Теварак-бошим далаларим бўлди.

Далаларим сокин-сокин бўлди.

Далаларимда қарғалар учиб-қўниб турди.

Далаларимда қорамоллар ўтлаб-ўтлаб юрди.

Ғўзалар шипшийдам ғўзапоя бўлди.

Ғўзапоялар шумшук-шумшук бўлди. Ғўзапоялар сариқ-сариқ бўлди.

Ғўзапоялар бўй-бастидан... ушбу йил ҳосили мўл-мўл бўлди!..

Қизил сорбон бир далаларим қаради, бир мен қаради.

«Мана, далаларингга-да олиб келдик, — демиш бўлди. — Хўш, энди нима дейсан?»— демиш бўлди.
— Ну? — деди Қизил.

Қизил! Далаларимда Иван Ивановичлик этмай тур, энди.

Далаларим билан омон-эсонлашиб олайин, энди.

Қизил! Далаларимда Иван Ивановичлик этмай тур, энди.

Кўнглим туб-тубида куюкларим бор, куюкларим... Куюкларимни далаларимга ёрайин, энди. Куюкни куюк олсин, энди...

4

Иван Иванович! Мен сенга юз ўттиз йил юртим тўрини бердим, юз ўттиз йил уйим тўрини бердим — аммо сен билан эл бўлмадим!

Иван Иванович! Мен сен билан юз ўттиз йил елкама-елка кун кечирдим, юз ўттиз йил чизган чизиғингдан чиқмадим — аммо сен билан эл бўлмадим!

Юз ўттиз йил тур десанг турдим, ўтир десанг ўтирдим, юз ўттиз йил кул десанг кулдим, йиғла десанг йиғладим — аммо сен билан эл бўлмадим!

Иван Иванович! Мен юз ўттиз йил ўзим киймадим — сенга кийдирдим!

Иван Иванович! Мен юз ўттиз йил ўзим киймадим — сенга кийдирдим, юз ўттиз йил ўзим емадим — сенга едирдим, юз ўттиз йил ўзим ичмадим — сенга ичирдим... аммо сен билан эл бўлмадим!

Иван Иванович! Мен юз ўттиз йил кофир тўқ — мусулмон тинч, мақомда кун кўрдим... аммо сен билан эл бўлмадим!

Дини бошқа минбаъд-минбаъд эл бўлмайди!

Тили бошқа минбаъд-минбаъд эл бўлмайди!

Иван Иванович! Сен тиригим тирноғин единг, сен ўлигим ёғин единг — аммо тўймадинг!

Иван Иванович! Мен очликдан ўлмадим — сен тўқликдан ёрилмадинг!

Иван Иванович! Мен сени юз ўттиз йил тўнғич акам, дедим. Бўлди — мен энди сен тўнғич акам, демайман.

Мен энди сени тўнғич ака дегич тилларимни кесиб итга ташлайман!

5

— Ну? — деди Қизил.

Иван Иванович! Далаларимда ну-нуламай тур, энди.

Далаларим дийдорига тўйиб-тўйиб олайин, энди.

Иван Иванович! Сен дала нималигини билармидинг? Сен садқаи дала кет!

Сен қўш жомадон кўтариб дайдишни биласан. Сен ғилдиракли жомадон судраб дайдишни биласан.

Сен қайси юрт мевазор — шу юртни макон этасан. Сен қайси эл меҳнаткаш—шу элни макон этасан.

Иван Иванович! Қайси юрт мевали-чевали бўлади — шу юрт сен учун ватан бўлади!

Қатор-қатор дейдиб келасану... осойишта-осойишта эл-юртни алғов-далғов этасан.

Ота билан болани гиж-гиж этасан.

Ака билан укани ков-ков этасан.

Ҳамсоя билан ҳамсояни оқкалтак-қоракалтак этасан.

Ўртада маза-маза... Сен маза этасан! Сен ўртада пайғамбар бўлиб даврон сурасан. Сен ўртада қозикалон бўлиб даврон сурасан.

Иван Иванович! Сен қадам қўймиш эл-юрт асло тинч-тотув бўлмайди. Сен қадам қўймиш эл-юрт асло тиниб-тинчимайди.

Иван Иванович! Сен кўзингга тупроқ тўлмагунча — сен эл-юртга тўймайсан!

6

— Ну? — деди Қизил.

Иван Иванович! Пича оёқ ил, энди.

Далаларим билан хайр-хўшлашиб олайин, энди.

Далаларим боболарим аччиқ-аччиқ кўз ёшларидан дала бўлди.

Далаларим оталарим шўрпешона терларидан дала бўлди,

Далаларим аёлларим гулдай ҳазон умридан дала бўлди.

Далаларим — боболарим шўр-шўр пешонаси.

Далаларим— оталарим яғир-яғир елкаси.

Далаларим — аёлларим хазон-хазон умри.

7

Мен... далаларимни дея, қайтиб келаман!

Тупкани тагидан бўлса-да, қайтиб келаман!

Ана шунда шўртупроқ даламга аъло нав пахта экаман. Ундан аъло-аъло тола оламан.

Қумлоқ даламга мой бергич пахта экаман. Ундан хуштаъм-хуштаъм пахтамой оламан. Тўйимли-тўйимли пахтамой оламан.

Оқтупроқ даламга оқлик мўл пахта экаман. Ундан егулик оқлик оламан. Ичгулик оқлик оламан.

Мен қайтиб келаман!

Мен ҳали далаларимда электр моторли тракторлар миниб тер тўкаман. Кун нури билан юргич тракторлар миниб тер тўкаман. Олти ғилдиракли тракторлар миниб тер тўкаман.

Мазкур тракторлар қар-қарламайди — билинар-билинмай одимлайди!

Кабинасида барча шароитлар муҳайё бўлади: митти совутгичи бўлади. Митти музхонаси бўлади. Митти чой қайнатгичи бўлади. Тайёралардагидай чаноқ-жўмраги бўлади.

Мен қайтиб келаман.

Етти иқлимдан бўлса-да, қайтиб келаман.

Ана шунда пахтамни чўткали-чўткали машина билан йиғиб-териб оламан.

Машина билан бир оралабоқ териб оламан. Бошқа қайтиб дала ораламайман.

Йиғим-теримни бош-адоқ бир машина билан бажараман. Бир вақтни ўзида бажараман.

Машина аъло тола пахтамни алоҳидалайди, мундайроқ тола пахтамни алоҳидалайди.

Айни вақтда пахтамни хас-чўпдан покизалайди. Чанг-ғубордан фориғлайди.

Толани бир ёқли этади, чигитни бир ёқли этади.

Пахтамни ўзи тахлайди, ўзи тойлайди. Тойларни юк машина жойлайди.

Юк машина пахтамни далаларимдан фабрика олиб жўнайди.

Мен қайтиб келаман.

Етти қават ерни остидан бўлса-да, қайтиб келаман.

Мен далаларимни дея, қайтиб келаман.

Мени далаларим қайтариб келади...

1986—1991 йиллар.

Мен

Мен Сурхондарё вилояти, Денов тумани, Хўжасоат қишлоғида дунёни кўрдим.

Шу қишлоқда катта бўлдим. Шу қишлоқда ўрта мактабни битирдим.

Мактабда ҳикоялар машқ этдим.

Тошкент Давлат Дорилфунуни Журналистика факультетини тамомладим.

Дорилфунунда ҳикоялар машқ этдим.

Жумҳурият радиосида тўрт йил муҳаррир бўлиб ишладим.

Қизил Армия сафларида ҳарбий хизмат қилдим.

Икки йил «Ўзбекистон физкультурачиси» газетасида таржимон бўлдим.

«Фан ва турмуш» журналида икки йил муҳаррир бўлиб ишладим.

Москвадаги Жаҳон Адабиёти институтида ўқиб келдим.

Мен ўрта мактабни битириб, шундай ният этдим: ўттиз-ўттиз беш ёшларгача уйланмайман, оила қурмайман, бирор идорада фақат тирикчилик учун ишлайман.

Мен фақат бир мақсадни кўзладим: ўттиз-ўттиз беш ёшларгача жаҳон адабиётини ўқиш. Фақат ўқиш, ўқиш, ўқиш, қўл қотиб олмасин учун майда-майда ҳикоялар машқ этиб туриш.

Мен шу ният йўлида иморат солмадим, машина олмадим, мансаб эгалламадим, шон-шуҳрат қизғанмадим.

Мен дунё талашмадим!

Фақат изландим, фақат ўқидим.

Ғанимларим мени ишдан ҳайдадилар.

Курашда бир табиат қонуни бор: полвон даврада мағлуб бўлса, тақдирга тан бериб кетмайди. Йўқ, полвон ўзини боқади. Полвон ўзини парваришлайди. Полвон тинимсиз машқ олади. Рақибидан мағлубият аламини олиш учун шайланади. Рақибидан аламини олмасдан-да қўймайди.

Мен гўдаклигимдан давраларда курашиб катта бўлдим. Полвонлик аждодимда бор, полвонлик қонимда бор.

Менда ана шу полвонлик қоним қўзғалди.

Мен ғанимларимдан алам олиш учун шайландим.

Мен ким эканимни бир кўрсатиб қўйиш учун катта асарга қўл урдим.

Ниҳоятда... ниҳоятда саноқли кунларда «Юлдузлар мангу ёнади» номли биринчи қиссамни яратдим.

Мен бу қиссам билан ғанимларимга: «Мана, мен кимман!» деган бўлдим.

Қисса элга манзур бўлди.

Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмаси ҳисобот йиғилишида йилнинг энг яхши қиссаси, дея баҳоланди.

Ғанимларим бир куйди, бир куйди-е!

Бу — тасодиф, дедилар. Кесакдан олов чиқди, дедилар. Фисқ-фасод тарқатдилар.

Бир чақасиз кунларим бўлди. Ижара ҳақини тўлай олмай, ижарадан ҳайдалмиш кунларим бўлди. Бошпанасиз кунларим бўлди.

Мен қишлоғимга қайтдим.

Онам сандиқ ковлади. Латталар остидан бир тугунча олди. Тугунчани уч-тўрт айлантириб очди.

Тугунчадан беш-олти сўм пул чиқди.

Онам шу пулни менга узатди.

Шунда... мен бир бошқа бўлиб қолдим. Мен ташқари отилиб чиқиб кетай, дедим.

Бу пул... онамни... ўлимлик пули бўлди.

Мен деворни ушлаб қолдим.
— Олмайман... — дедим.
— Ол, сен шоир бўлсанг бўлди, ол, — деди онам.
— Йўқ... — дея бош чайқадим.
— Ол, сен шоир бўлмагунингча мен ўлмайман, — деди онам. — Мен сенинг шоирлигингни кўрмагунимча ўлмайман.

Мен тағин Тошкент қайтиб келдим.

Мен энди онамни ўлимлик пули билан тирикчилик кечириб изландим.

Бир журнал муҳаррири мени ишга оламан, деди.

Аммо ғанимларим хабар топиб, мени ишга олдирмадилар.
— Ўзи бошқа, асари бошқа, — дедилар.
— Ўзидан асари яхши, — дедилар.
— Асари керак, ўзи керак эмас, — дедилар. Ана шунда полвонлик қоним тағин қайнади.

«Уҳ, қорақўнғизлар! — дея, ғанимларимни ичимда яндим. — Сен қорақўнғизлар ким-у, мен ким эканимни ана энди кўрасанлар!» — дея қўзғолдим.

Кеч кузда юртимизга йўл олдим.

Саттор чавандоз дегич билан тил топишдим. У менга бир от топиб берди. Мен... отландим!

Саттор чавандоз билан қишлоқма-қишлоқ юрдим. Тўйма-тўй юрдим. Кўпкарима-кўпкари юрдим.

Кундузлари турли юртлардан келмиш чавандозлар билан кўпкари чопдим.

Неча бор отлардан йиқилдим.

Кечалари тўйхоналарда чавандозлар билан гурунг қилдим.

Чавандозлар дўмбира чалиб, кўпкарилардан сўйлади, отлардан сўйлади, чавандозлардан сўйлади.

Узун қиш кўпкарихона — иш жойим бўлди, чавандозлар — ҳамхонам бўлди, отлар — биродарим бўлди.

Ниҳоят, кўкламда «От кишнаган оқшом» номли иккинчи қиссамни журналга кўтариб келдим.

Қисса адабиёт осмонида бир момоқалдироқ бўлди.

Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмаси ҳисобот йиғилишида йилни энг яхши қиссаси, дея баҳоланди.

Мен елкамдан нафас олдим. Мен энтикдим. Мен хумордан чиқдим!

Юртимиз тоғ этагида Сўфи Оллоёр қабри бор. Шу қабр қабатида тоғчорбоғ бор.

Мен бир қишни ана шу юртим чорбоғида қишладим. Сўфи Оллоёр бобо билан қабатма-қабат ётиб, «Ойдинда юрган одамлар» номли қисса битиб келдим.

Қиссани чоп эттириш учун уч йил сарсон-саргардон бўлдим. Тўртинчи йил куя-пиша чоп эттирдим.

Шу қиссадан кейин мени олқишловчилар кўпайди. Мени қўллаб-қувватловчилар кўпайди.

Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмаси қиссаларимга Ойбек мукофотини бердилар.

Иттифоқ Ёзувчилар Уюшмаси съездига делегат этиб сайладилар.

Иттифоқ Ёзувчилар Уюшмаси правлениеси аъзолигига сайладилар.

Ғанимларим қорақуртдай ғимирлаб қолдилар.

Дунёда қанақа мағзава бор — мени бошимдан тўкдилар. Дунёда қандай фисқ-фасод бор — мени номимга тупуклаб ёпиштирдилар.

Тоғай Мурод номимни қоп-қора этдилар.

Мен улар ҳақида «Момо Ер қўшиғи» номли қисса яратдим.

Савоб иш барча учун бўлади. Аёл-эркак учун бўлади. Ёш-қари учун бўлади. Етти яшар-у, етмиш яшар учун бўлади.

Мен эл-юрт учун ана шундай бир савоб иш қилгим келди.

Сетон-Томпсонни «Ёввойи йўрға» китобини ўзбекчага таржима этдим.

Табиат, жониворлар ҳаётидан сўйлагувчи мазкур китоб етти яшар китобхон учун-да, етмиш яшар китобхон учун-да бирдай суюкли, бирдай ардоқлидир.

Ана шу вақт қатағон авж олди.

Ишдан ҳайда-ҳайда авж олди. Фирқадан ўчир-ўчир авж олди. Сур-сур авж олди.

Ниҳоят... қама-қама авж олди.

Ўзбек зиёлилари кишанбанд бўлди. Ўзбек зиёлилари маҳбус бўлди.

Ўзбек зиёлилари кечалаб-кечалаб Москвага олиб кетилди.

Сўроқ Москвада бўлди. Суд Москвада бўлди. Ҳукм Москвада ўқилди.

Ана шунда полвонлик қоним қайнади!

Энди қоним ўз ғанимларим учун қайнамади. Йўқ, ўз ғанимларим ўз йўлида қолди.

Энди қоним... оламжаҳон ғанимларим учун қайнади. Энди қоним... қудратли ғанимларим учун қайнади.
— Мен ўзбек халқига ҳайкал қўяман!

Мен ана шундай шаҳд билан оламжаҳон ғанимларим сари шайландим.

Жаҳон Адабиёти институтида ўқиш учун йўл олдим.

Барча ҳайрон бўлиб қолди.

Боиси — мен эндигина уйланиб эдим.
— Саводни мазаси йўқ, Москвада ўқиб келмасак бўлмади, — дедим. Дардим ўқиш бўлмади. Дардим прокуратуралар бўлди, дардим судлар бўлди.

Бир оёғим институтда бўлди, бир оёғим судларда бўлди.

Мен таниш-билииг йўли билан тергов матнларини сотиб олдим. Икки оғиз ахборот олиш учун яримталар қуйдим.

Барибир... барибир бўлмади.

Мен ўзимни... ҳалқ ҳаёти билимдони, дея ўйлар эдим, халқ характери билимдони, дея ўйлар эдим, халқ руҳияти билимдони, дея ўйлар эдим.

Мен пахта билан юзма-юз бўлиб... мен ҳали ўзбек деҳқонини билмаслигимни англадим. Мен пахта билан юзма-юз бўлиб... мен ҳали пахтакор ким эканини билмаслигимни англадим.

Мен қоғоз-қалам ғамладим. Мен Сурхон далаларини нишонладим.

Икки бор жумҳурият газетасида: «Мен пахта далаларига кетаман», дея сўз бердим. Эл-юртга икки бор сўз бердим.

Илк кўкламда Олтинсой туманига йўл олдим. Туман катталари билан юзлашдим.
— Мен сизни Алиқулов бригадасига олиб бораман, — деди хўжалик раиси Тошбоев. — Фақат айбга буюрмайсиз, Алиқуловни бет-боши сал оқариб қолган.
— Оқариб қолган? — дея анграйдим.
— Чин, чин, — деди туман вакили. — Дастлаб кўришимда мен ҳам шундай деб ўйлаб эдим.
— Бети ҳалиги бир касалдай оқариб қолган, — деди Тошбоев. — Бари жазирамада куйиб-пишиб ишлашидан.

Раис айтмиш Алиқулов дала шийпонини макон этдим.

Мен бўлажак... Деҳқонқул билан юзма-юз бўлдим.

Мен бўлажак... Деҳқонқул далаларини иш жойим этдим.

Деҳқонлар қандай кийимда бўлса — мен ҳам шундай кийиниб олдим.

Деҳқонлар ўтирса — ўтирдим, деҳқонлар турса — турдим.

Чигит экиш бошланди.

Мен деҳқонлар билан чигит экдим.

Мен... деҳқон бўлиб, чигит экдим!

Мен ғўза яганаладим. Ғўза чопиқ қилдим. Ғўза ўтоқ қилдим. Ғўзага гўнг бердим. Ғўзага сув тарадим. Ғўза чилпидим.

Мен деҳқонлар билан пахта тердим.

Мен ғўзаларга сув тарай-тарай, неча-неча тонгларни оқладим.

Мен шийпонларда ухлаб қолдим. Ўқариқ бўйларида ухлаб қолдим. Эгатларда ухлаб қолдим.

Мен Сурхон далаларида олти ой кездим. Сурхон офтобида олти ой куйдим. Сурхон чангларини олти ой ютдим.
— Мен ўзбек халқига ҳайкал қўяман!

Мен ана шундай орзуда далалар билан хайр-хўшлашдим.

Ниҳоят, орзуларим охир-оқибати — ушбу роман бўлди.

Мен нимага эришган бўлсам — барчаси учун ғанимларимдан миннатдор бўлдим.

Ғанимларим бўлмаса — мен Тоғай Мурод бўлолмас эдим.

Яшасин, ғанимларим!

II- qism
 
Keyingi