OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

5 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифТоғай Мурод
Асар номиЮлдузлар мангу ёнади (қисса)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Социалист реализм
Муаллифлар
   - Тоғай Мурод
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Қиссалар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм262KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2011/08/08
Манбаhttp://forum.ziyouz.com/ind...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Юлдузлар мангу ёнади (қисса)
Тоғай Мурод

«Юлдузлар мангу ёнади»; қиссаси илк марта «Шарқ юлдузи»; журналида чоп этилган. («Шарқ юлдузи»;, 1977, 10-сон.) 1980 йилда бу қисса Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида «АБК»; - «Авторнинг биринчи китоби»; серияси остида чоп этилади. Кейинчалик қисса қайта ишланиб, «Қўшиқ»; китобига (1987) «Давра»; номи билан киритилади (Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти). «Давра»; ёзувчи томонидан яна қайта ишланади — энди «Юлдузлар мангу ёнади»; номи билан «От кишнаган оқшом»; қиссалар тўпламида чоп қилинади («Шарқ»; нашриёт-матбаа концерни Бош таҳририяти, 1994).

I

— Одамлар-у одамлар, тоғда битган бодомлар, эшитмадим деманглар! Бугун ҳа-а-амма Зулфиқор полвонникига суннат тўйига, ҳе-е-е-ей! Чу, жонивор!

Эгар қошига тўн солиб олмиш жарчи гузарма-гузар от ўйнатди. Хўжасоат қишлоғи аҳлини тўйга чорлади.

Хиёл ўтмади. Тўй бекаси отда эшикма-эшик юрди. Хонадонларни алоҳида-алоҳида айтди.

Хонадон бекалари:
— Қуруқ кетманг, — дея эгар қошига тўн илди. Тўй бекаси юзига фотиҳа тортди.
— Илойим, сизларнида тўйга етказсин, — дея тилак тилади.

Кейин, Зулфиқор полвон от минди.

Эл-юртни ўз номидан айтди.

Эл-юрт кўнгли нозик-да.

Тўй бекаси айтган бошқа, тўй хўжаси айтган бошқа.

II

Туш вақти аёллар бўғирсоқ, қатлама, ширгуруч кўтариб тўйлади. Эркаклар қўй, тана етаклаб тўйлади.

Том устида ёнбошлаб олмиш Наби оқсоқол тўйхонадаги воқеалардан кўз-қулоқ бўлди, тегишли йўл-йўриқлар берди.

Айниқса, келажак меҳмонларни эътибордан четда қолдирмади. Меҳмонлар кўча бошида қора бериши биланоқ, Наби оқсоқол овоз берди:
— Келинглар, меҳмонлар, кела беринглар! — деди. — Мингой байча[1], аёлларга пешвоз чиқиб, қўлларидан дастурхонни олинг! Қаранг, Зулфиқор полвоннинг ошнаси Турдибой эчки етаклаб келяпти! Анави қўй етаклаб келаётган куёви Қурбонмикин? Ҳа, шуякан! Ашурбой, қўйларни ушлаб, оғилхонага қаманг!

Тўйхонада ўйнаб юрмиш болалар эшик олдига чопиб келди.

Тўйловчи аёллар сочқилар сочди: ёнғоқ, писта, майиз...

Болалар қўлларини чўзиб-чўзиб сапчиди. Сочқиларни илиб-илиб олди. Ерга тушганларини талашиб-тортишиб қўйниларига солди.

Иккита бола юмалаб бораётган ёнғоқни қувиб кетди.

Болалар тўда-тўда бўлиб, ёнғоқ, ошиқ, шумшак, қулоқчўзма ўйнади. Дўл, ғирбойди, чиллак, зувиллатар ўйнади...

III

Холбой сурнайчи иккита доирачи билан мумтоз мусиқалар тарона этди.

Тўйхонада олти дошқозон қатор осилди.

Хизматкорлар қур бўлиб ўтириб сабзи тўғради.

Дошўчоқлардан самога қоп-қора тутун ўрлади.

Дошқозонлардан зиғир мойга қовурилаётган гўшт ҳиди кедди.

Бир отлиқ тақимига бошсиз улоқ босиб тўйхонадан чиқди.
— Одамлар, Оқжарда кўпкари бўлади! — деди Наби оқсоқол. — Ана, улоқни олиб кетди! Хоҳлаганлар борсин! Эсларингда бўлсин, кечаси олиш бўлади, эртага яна кўпкари! Пиёда кўпкарисида бор! Эртага пиёда пойгаям бўлади, ҳа!

Эркаклар кўпкаридан кунботарда келди. Қур бўлиб-қур бўлиб ўтирди.

Тобоқ-тобоқ палов сузилди.

Учовора бир тобоқ бўлди.

IV

Хуфтонда аёллар давра қуриб гулхан ёқди.

Даврада чирсиллаб ёнаётган шувоқдан буралиб-буралиб олов ўрлади. Шувоқ ҳиди димоғларни қитиқлади.

Болалар давра теварагида қувалашиб ўйнади.

Беш-олти бола жам бўлди. Бир уй ичида ерни айлана қилиб чизди. Айланани гир деб атади.

Болалар бир сонни белгилаб олди. Бирови болаларни уч айлантириб санади. Мўлжалдаги сонга тушмиш бола гирда қолди.

У гир ичида энгашди. Кўзларини қўллари билан яшириб турди.

Болалар ҳар тарафга сочилиб яширинди.

Гирда қолгани уларни излади. Гирданда огоҳ бўлди.

Кимда-ким унинг кўзини шамғалат қилиб, эпчиллик билан гирга чопиб кирса, шу ғолиб саналади.

У аёллар орасида бир бола мўралаб турганини сезиб қолди. Шу болани давра айлантириб қувди.

Бола гирга қараб қочиб, қўлга тушди.

Бу орада бошқа болалар гирга тўпланди.

Энди қўлга тушган бола гирда қолди. Болаларни излади.

Бу, яшинмачоқ ўйини бўлди.

V

Аёллар доирани елпиб-елпиб, ҳалқачаларни шилдиратиб-шиддиратиб оловга тоблади. Даврада чангқовуз бўзлади:
— Биёв-биёв-биёв!

Бир қиз олов гирдида бармоқларини қирсиллатиб-қирсиллатиб, чангқовуз нағмаларига хиром этди.

Даврада иккита гўзал эшилиб-эшилиб ўйнади, тўлғаниб-тўлғаниб ўйнади: бири олов бўлди, бири қиз бўлди!

Аёллар нағмаларга ҳамоҳанг чапак чалди. Жўшиб-жўшиб қийқирди:
— Киштала-киш, киштала-киш, ҳай-ҳа-а-а-ай!
— Ҳа, бўйингдан момонг айлансин, ўйнай бер, ўзим келин қиламан!

Ўйнаган ўйнаб, ўйнамаган тўн ёпди. Бўйдоқлар даврага ўғринча қараб, қайлиқ танлади.

VI

Тўйхона кунчиқаридаги қисирпояда болалар икки тараф бўлди.

Бир тараф тескари ўгирилиб, кўзларини чирт юмиб турди.

Иккинчи тарафдан қулочи каттароқ бола бир қаричча оппоқ мол суягини қулочкашлаб отиб юборди.

Суяк бориб тушмиш ердан чанг кўтарилди.
— Бўлди, бўлди! — деди.

Шундан кейин рақиблари ўгирилди. Ҳар тарафга ёйилди. Суяк излаб кетди.

Суяк отган болалар қаторлашиб ўтирди. Рақибларини қаради.

Болалар суякни излаб-излаб, охири топиб келди.

Борди-ю, тополмаса, суяк отган болаларнинг ўзлари топиб келади.Тағин суяк отади. Суяк ота бериб-суяк ота бериб, рақибларини сарсон қилади.

Энди суяк отиш гали уни топиб келганларда бўлди. Бу, оқсуяк ўйини бўлди.

VII

Тўйхона ёнидаги ҳовлида эркаклар давра қурди.

Бу даврада олиш бўлади.

Давра узра симчироқлар осилди.

Полвонлар оёғига зах ўтмасин учун даврага сомон сепилди.

Давра четида ёниб бўлмиш олов чўғи яшнади.

Полвонлар совуқ қотса, ана шу чўққа исинади.

Тун совуқ бўлди. Совуқдан қор ҳиди келди.

Давра жунжикиб-жунжикиб: — Уҳ-уҳ, қорнинг совуғи-я, — деди.

Дарҳақиқат, Керагатоққа биринчи қор тушди.

Қорли чўққилар ойдинда элас-элас оқариб кўринди. Тоғ ўнгирида телевизор станцияси чироғи ёнди. Адоғроқдаги тўда чироқлар — Тўхтамиш, Чуқуробшир, Чинор, Лўкка, Зардақул, Бодаво дея аталмиш Вахшиворнинг қишлоқлари бўлди.

Ой қишлоқ узра осилиб қолди.

Юлдузлар ғуж-ғуж ёнди.

Давра айланасига гилам тўшалди, кўрпача тўшалди.

Меҳмонлар ҳали келмади.

Тўрда ўтирган колхоз раиси:
— Қулмат-ай! — деди. — Қўшхоналарга[2] бор-да, меҳмонларга хабар бер! Олиш бошланди, де! Чоп, зувиллаб бориб, зувиллаб кел!

Хиёл ўтмади, меҳмонларда келди.

Олам-жаҳон одам бўлди.

Давра лиқ тўлди.

Жойсиз қолмишлар тик турди. Давра сиртидаги машиналарга чиқиб ўтирди.

Даврага қараш учун бўйи етмовчи болалар дарахт шохлари айрисига чиқиб ўтирди, деворларга миниб ўтирди.

Колхоз раиси бош баковул бўлди.

Баковул олдида турли-туман рўмол, гилам, калиш, чопонлар бўлди.

Баковул кетида тўй хизматкорлари ғунажин, қўй, эчки ушлаб турди.

Булар совринлар бўлди.

VIII

Давра сукутда бўлди.

Бош баковул ўрнидан турди. Даврага мурожаат этди:
— Одамлар, узоқ-яқиндан келган азиз меҳмонлар! Мана, жамоа жам бўлди. Энди олишни бошласак бўла берар. Бугунги даврамизда воҳамизга донғи кетган Бўри полвон ўтирибди. Даврага баковуллик қилишни шу кишига топширсак, нима дейсизлар?
— Маъқул, полвон бованинг суяклари даврада қотган! — деди давра.
— Қани, полвон бова, даврага чиқинг!

Одамлар орасида ўтирган Бўри полвон ўрнидан турди. Қўлларини кўксига қўйди.
— Одамлар, шунчалик иззат қилдиларинг, қуллуқ! — деди. — Энди, биз қариб қолдик...
— Полвон бова, элнинг сўзини ташламанг!
— Эл атайлаб сизга юз солди-я! Бўри полвон чиқа бермади. Шунда, раис ўзи бориб олиб келди. Бўри полвонга Ҳотам полвон чиқди.

Улар бош баковул қаршисида чўккалаб ўтирди. Баковул соврин айтди:
— Сизларга энг яхши тўн қўйилди, омин, оллоҳу акбар!

Оқсоқол полвонлар гўё чиппа-чиндан олишиб, даврани бошлаб беришлари лозим.

Бўри полвон калишини ечди. Маҳсичан бўлди. Қора чопони ўнгирларини қайириб, белбоғига қистирди. Телпагини бостириброқ кийди.

Кенг ҳам дўнг пешонасини, туртиб чиққан ёноқларини силади. Така соқолини силади. Кафтларини туфлаб-туфлаб ҳўллади.

Давра айланди.

Ҳотам полвонга қараб қулочини узун очди. Ҳотам полвон ёқасидан ушлади. Бир-икки силкиди. Авайлаб чил[3] берди.
— Ё, пирим! — деди.

Давра қарияларга қараб жўшиб кетди.
— Ҳа-ҳа, бўш келманг, полвон бова! — деди.
— Э, бўлди-е, чарчаб қолдиларингиз!
— Полвон бова, ундай чил берманг-э. Ҳотам полвонга танисоғлик керак!

Оқсоқоллар бир-бирини қўйиб юборди. Бош баковул олдига келди.

Баковул оқсоқоллар белига биттадан тўнлик беқасам бойлади.
— Бали, кучларингиз баробар экан! — деди. Оқсоқоллар бўш келмади.
— Эб-эй, нималар деяпсиз, раис бова? — деди Ҳотам полвон. — Ўнгимга келиб эди-ю, тағин, Бўри полвоннинг бирон ери лат емасин дедим-да!
— Нима-нима? — деди Бўри полвон. — Уккағар Ҳотам полвон-э! Сизга ўхшаганларни манави чиначоғим билан йиқитаман, ҳа!

Шундай қилиб, аждодлар удуми бажо келтирилди. Ёшларга йўл очилди. Оқ йўл, ёшлар!

IX

Бўри полвон давра айланди. Даврага мурожаат этди:
— Халойиқ! — деди. — Даврада ҳалол олишиб, элга томоша кўрсатайлик! Ҳақ-ноҳақни мен — ўзим ажрим қиламан! Айтганим айтган, деганим деган! Даврадаги Бўри полвон сўзим: тарафкашлик, ғирромлик, ошна-оғайнигарчиликка йўл қўймайман!

Бўри полвон теваракка аланглади. Бир бурчакда қунишиб ўтирмиш беш-олти ёшли болани кўриб қолди. Бола раиснинг ўғли бўлди. Бўри полвон атайин шу болани етаклаб келди.
— Отингиз нимайди, полвон? — деди.
— Шукуй!
— Э, яшанг, Шукур полвон! Болалар, манови Шукур полвон билан олишадиган мард бўлса ўртага чиқсин!

Телпаги қулоқларини тушириб олмиш бир бола чиқиб келди.

Кетидан отаси овоз берди:
— Полвон бова, манови Эрмат полвонни бир синаб кўринг!

Бўри полвон Эрматнингда қўлидан ушлади.
— Эрмат полвон, — деди, — сиз манови Шукуй... э, астағфирулло, Шукур полвон билан олишасизми? Ўзи, юрак уряптими? Э, бали, гап бундай бўпти-да! Қани, юринглар. Раис бова, манави полвонларга дуо беринг. Дўржироқ зот қўйинг, келбатидан икковиям катта полвонга ўхшаяпти!

Полвончалар бош баковул рўпарасига чўккалади. Баковул дуо берди:
— Сизларга ўзларингиз боп бир тўн, бир сўм пул қўйилди, оллоҳу акбар! Яхшироқ олишсаларинг, яна бир зот қўшамиз! Ечинмасдан олиша беринглар, кун совуқ!

Болалар давра айланди. Аммо... чаппа тарафдан айланди!

Давра гурр этиб кулиб юборди. Бўри полвон болаларни ушлади.
— Эб-эй, эб-эй! — деди. — Манови тарафдан айланинглар! Кулманг, халойиқ, полвонлар ғайратига чидай олмай, шошиб қолди, ҳа! Полвон шуйтиб-шуйтиб полвон бўлади-да!

X

Болалар даврани икки айланди. Қўл бериб кўришди.

Шукур полвон чопони ўнгирларини қайириб, белбоғига қистирди. Энкайиб, ўнг қўлини олдинга сермаб бора берди.

Эрмат полвон иштонини юқорига бир кўтариб қўйди. Уям қулочини сермаб кела берди.
— Ҳа, қулочгинангдан, полвончалар! — деди давра. Шукур ўнг қўли билан Эрматнинг ёқасидан ушлади, чап қўли билан билагидан ушлади. Икки оёғига қўшиб чил берди.

Шукур йиқитаётиб эди. Аммо ерга оғиш вақтида ўзини эплай олмади.

Оқибат, икковида баравар йиқилди.
— Бекор, ит йиқилиш[4] бўлди. Бошқатдан олишинглар! — деди давра.
— Шукур полвон, қаттиқ-қаттиқ чил беринг! Ким айтади сизни раиснинг ули деб?
— Эрмат полвон, кўп шалпайманг, дадил бўлинг! Шукур йиқитдим, дея, бош баковул қошига ўтирди. Эрмат давра ўртасида чопонида илашмиш сомонларни қоқди. Шукурга, кейин, Бўри полвонга анграйиб қаради.
— Ғирром, мен йиқилмадим, — деди.

Бўри полвон Шукурнинг елкасига қўлини қўйди.
— Полвон, йиқитолмадингиз, бошқатдан олишинг! — деди. — Елкангизни кўп силтаманг. Ё, отангизга ишоняпсизми? Отангиз идорага раис! Даврага Бўри полвон раис! Туринг!

Шукур қобоқ-тумшуқ қилди. Отаси қабатига ўтиб ўтирди.

Бўри полвон Шукурни силаб-суйди. Чучук-чучук сўзлар айтди:
— Шайтонга ҳай беринг, полвон, чиқинг энди. Айланайин полвонимдан. Полвонимдан-да, полвонимдан-да...

Шукур ийиб кетди. Тағин даврага кирди. Бу сафар Эрмат энкайиб-энкайиб келди. Шукурнинг қўлтиқлари остидан кириб кўтармоқчи бўлди.

Шукур Эрматнинг бошини кўкраги остига қисди. Қўлларини қўлтиғидан ўтказиб ушлади. Ётиботарга олди: ўзи бирдан орқага ётиб қолиб, Эрматни устидан ошириб отмоқчи бўлди.

Аммо... ўзи остида қолди!

Бўлди кулги!

Шукурга алам қилди. Эрматга қўлини мушт қилиб кўрсатди.
— Сен билан янаги тўйда олишаман! — деди. Эрмат баковул рўпарасига ўтириши билан бир талай бола чопиб келиб ёнига чўккалади.

Шукурга тарафкаш болалар бир-бирига сўз бермай талашди, баковулга эланди:
— Бова, Эрмат полвон билан мени олиштиринг, у қалин ошнамни йиқитди!
— Йўқ, Эрмат полвон билан мен олишаман. Шукур холамнинг ули!
— Бова, Эрмат полвонга мени чиқаринг, Шукур бизнинг ҳамсоямиз!

Даврага тағин бир бола — Холёр келди. Холёр Шукурнинг бир ёш катта акаси бўлди. Ҳаяллаши боиси, у тут шохида ўтириб эди. Ерга тушиб, даврага киргунча вақт ўтди.

Масалани Бўри полвон ҳал этди.
— Раис бова, Холёр полвонга дуо беринг, укасининг ори учун олишсин! Минг қилсаям эмчакдош-да! — деди.

XI

Зўрдан зўр чиқди. Олиш катталашди.

Гал мактаб ёши болаларга етди. Ундан ўсмирларга етди.

Бир полвон йиқилса, орига ошнаси ё оғайниси даврага чиқди. Қони тортди...

Ор-номус учун кураш болаликдан бошланади!

Қишлоқ одамлари олчин, тоғчи, паритўп, қовчин, гўрхов, юз... дея аталмиш уруғ-аймоқларга бўлиниб олишади.

Борди-ю, четдан полвонлар келган бўлса-чи? Унда, қишлоқ полвонлари бирлашиб, меҳмон полвонлар билан курашади.

Одамлар киндик қонлари томмиш ер шон-шарафи, орияти учун олишади.

Ватан - киндик қон томмиш ердан бошланади!

Бу даврада қишлоқнинг барча полвонлари бир тараф бўлди.

Боиси, ўзга туманлардан полвонлар кўп келди. Полвоннинг тўйи-да! Кимсан — Зулфиқор полвон тўй қиляпти!

XII

Бўри полвон қўлларини орқасига қилиб давра айланди. Четдан келмиш полвонларга назар солди.

«Манави ўтирганлар сариосиёликлар. Термизликларда бор. Булар ўзимизнинг Денов полвонлари. Пичирлашиб гаплашаётганлар ким бўлди? Ҳа-а, жарқўрғонликлар. Манавилар эса шўрчиликлар. Ўртада чордана қуриб ўтирган мўйлов Рўзи полвон. Яқинда бизнинг полвонлар уларни ўз уйларида мағлуб этиб келди. Кўриниб турибди, шўрчиликлар аламзада. Демак, олиш зўр бўлади. Биринчи кимдан бошласин? Меҳмонларни бир-бирлари билан олиштирсамикин? Йўғ-э, давра ўзиники, эп бўлмас. Яхшиси, ўзларидан кимдир чиқиб бошлаб берсин»;.

Шу вақт, девор узра рўмолли бошлар қора берди: аёллар даврага қарай берди.

Бўри полвон овозини кўтариб айтди:
— Ай, пошикасталар, девордан кўп бўйлай берма, полвонларнинг хаёлини бўласан! Бор, ўсмангни қўй!

Рўмолли бошлар ғойиб бўлди.

Бўри полвон ўйлаб қараса, воҳанинг деярли барча зўр полвонлари жам бўлибди. Кўринишидан, полвонлар катта ниятлар билан келибди. Ниятлари ўзларига эш бўлсин!

Хўш, барча меҳмонлар хўжасоатлик полвонлар билан олишадими ё туманлар ўзаро олишадими? Яхшиси, туманларни бир-бири билан олиштирган маъқул.

Турган гап, шўрчиликлар хўжасоатликлар билан олишади.

Хўжасоатлик полвонлар буни биладими?

Бўри полвон қишлоқ полвонларини излади. Улар ҳар ерда сочилиб ўтирди.

Бўри полвон зўр ачиниш билан шуни ҳис этдики... инсон қанчалик одил бўлсин, қанчалик танти бўлсин, барибир... барибир ўз юрти, ўз элига тортар экан...

У даврадан чиқди. Оқсоқоллардан Амир полвонни тирсагидан четга тортди.
— Полвонларинг ҳар ерда ўтлаб юрибди, бу нима ўтириш? — деди. — Менга қара, зўр-зўрларини бир ерга йиғ. Шўрчиликлар кепти... Тушундингми? Ўзинг бош бўл. Қурга тартиб билан чиқар. Шошма, етти ўлчаб, бир кес. Шўрчиликларнинг ўнги чапига эътибор қил. Қайтариб айтаман, фақат шўрчиликларга кўз тикинглар. Бинойими?
— Бинойи, полвон бова, бинойи.
— Бир-иккита дадилроғи билан бизнинг Тиловбердини давра охирига асра. Йўғон чўзилиб, ингичка узилганда кунимизга ярайди. Яна ким бор?
— Шу, Бакирбойнинг Самарқандда ўқиётган Жонибек ули келган. Яхши олиши бор-да. Ўтган йили келганда Сариосиёни мом[5] қилиб эди.
— Унинг келганини кўпчилик билмайди-я? Маъқул. Айт, том устига чиқиб, ўзини яшириб ўтирсин.
— Ҳай.

XIII

Бўри полвон даврага кирди.

Ана, Максим полвон, Алимардон, Шоди...

Бўри полвон беихтиёр оёқ илди.

Жуда таниш бир юзга кўзи тушди. Бу ким бўлди, эслолмади. Ҳайрон бўлиб тағин қаради. Бармоқлари билан кўзларини уқалаб тикилди.

«Ё тавба, — дея пичирлади. — Худди Насимга ўхшайди-я. Ё чини билан Насиммикин? Йўғ-э, у кўпкарида отдан йиқилиб, бир кўзи ожиз бўп қолган, деб эшитиб эдим. Бунинг икки кўзиям... Тағин бир қарайин-чи...»;

Ҳа, бу Насим полвон бўлди!

Насим полвон даврага қараяптими ё олисларга назар соляптими, билиб бўлмади. Бошини тик тутиб, кўзи ожизларга хос ўтирди, шоирона ўтирди.

Бўри полвоннинг кўнгли уюшиб-уюшиб кетди. Насим полвонга жуда-жуда раҳми келди. Қулочини кенг очиб: «Насим ошна!»; дегиси келди.

Аммо кўнгли туб-тубида яшириниб ётмиш нимадир... нимадир бу истагини рад этди.

Бўри полвон маъюс бош эгди. Изига бурилди. Бир-икки қадам босди. Тағин елкаси оша қаради.

Даврадаги овозларни эшитмай қолди, одамларни деярли кўрмай қолди.

Кенг елкаларидан бир нима босди. Нима бўлса-да, жуда оғир бўлди. Зилдай оғир бўлди.

Мадори қуриди, кўзи тинди. Қур четида чўк тушди.

Хиёлдан кейин қабатидаги одамга ўгирилди.
— Тўраоқсоқол, — деди. — Насим полвоннинг кўзи...
— Бечора отдан ёмон йиқилган экан, зарбидан бу кўзиям оқиб тушибди.
— Ё пирим-э, эшитмаган эканман, туф-туф-туф...
— Фалокат-да.

Бўри полвон ўнг кафтини тиззасига қўйди. Чироқ ёруғида йилтираётган сомонга тикилиб қолди.

Беғубор болалик, бебош ёшлик яқин олисларда... яқин олисларда — сочларнинг оқи, юзларнинг бужури, кўзларнинг нури, кўнгилнинг туб-тубида қолди...

1

Олам кўм-кўк. Фалак зангори.
Қишлоқ этагидаги подаётоқ тумонат одам.
Пода йўлига чиқмиш эркаклар тўда-тўда бўлиб гурунглашди.
Тошларга чўнқайиб ўтирмиш момолар урчуқ йигирди.
Аёллар — аёллар ғийбатини қилди.
Ўсмирлар давра қуриб кураш тушди.
Болалар кўнгилларига ёққан ўйин ўйнади.
Бир гуруҳ бола мояк уриштирди.
— Тут нишини, тут! — деди бир бола.
— Сен тут-да, ютдинг-ку! — деди иккинчи бола. Бўри қўйнидан мояк олди. Тишига уриб-уриб эшитиб кўрди: тик-тик-тик...

Йўқ, бунинг жони йўқ, деди. Бошқа биттасини тишига уриб эшитди. О, буниси зўр экан, деди.

Бўри моякни ўнг кафтида юмди. Бош бармоғи билан кўрсаткич бармоғи орасидан нишини кўрсатиб тутди.

Болта мояк ниши билан унга урди. Болтаники зўр экан, Бўрининг моягини ёрди. Бўри ёрилган моякни Болтага берди.

Борди-ю, Болтаники ёрилганда, унда, мояк Бўриники бўларди.

Бўри бир мояк поянагини — йўғон тарафини эшитиб кўрди. Поянаги зўрдай бўлди. Дарров Болтага юзланди:
— Тут поянагингни! — деди. — Ана, сеники ёрилди, чўз буёққа! Бўлди, энди сен билан уриштирмайман. Насим, моягингнинг белини тут! Бекор, поянагинг билан урдинг! Шу ғирромлигинг учун поянагингни тут, мен ниш билан ураман. Ана, ёрилди, чўз буёққа!

Адир тарафдан келаётган қўй-эчкилар маъраши билан чўпонлар овози тобора ёрқинроқ эшитилди.

Адир устида шохдор серка кўринди. Йўлбошчи серка қоматини ғоз тутди. Олға қараб турди. Изидан тизилишиб турмиш қўй-эчкилар шохдор серка йўл бошлашини кутди.

Пода адирдан энди.

Одамлар эрмакларини бўлди қилиб, подага пешвоз чиқди.

Чимзорни одамлар овози билан қўй-қўзилар маъраши босди.

Улоқлар тошдан-тошга сакраб чопди.

Қўй-эчкилар туёғи кўм-кўк ўтда кўкариб кетди. Қоп-қора тумшуқлари йилт-йилт этди.

Баҳор подасидан сут ҳиди анқиди.

Насим қўйларини Бўриникига қўшиб ҳайдади.

Бўриларникига етиб, қўйлар айрилди. Бўриларники дарвозага кирди. Насимларники йўлида давом этди.

Насим қўлидаги хивични қўйлари кетидан отиб юборди.
— Ўзларинг бора қолинглар, уйни биласизлар, — деди.

Ўзи Бўриларникида қолди. Бўридан айрилгиси келмади.

Бўрининг онаси қўй-эчкиларни кўганлади. Бировини бўйнидан етаклаб, саёз чуқурча устига олиб келди.

Бўри эчкини қучоқлаб турди, Насим улоқни қучоқлаб турди.

Бўрининг онаси кадини чуқурчага яхшилаб жойлаштириб қўйди. Улоғи эмиб қўймасин учун эчки елинига кийдириб қўйган дока халтани олди. Тирсиллаб турмиш елинни уқалади.

Насим энгашиб, елинга қаради. Кейин, Бўрига қараб кулиб қўйди.

Бўрининг онаси Насимга имо қилди.

Насим улоқни эчкига искатди.

Бўрининг онаси димоғида куйлаб-куйлаб эчки соғди:

Эсли молим, оқилим, чурия-чур-эй,
Елкамдаги кокилим, чурия-чур-эй,
Шунча молнинг ичида, чурия-чур-эй,
Боғда очилган гулим, чурия-чур-эй.
Насим юзини улоқ пешонасига қўйди. Илжайди. Ма-за қилди!

Тоғларда бор гулхайр, чурия-чур-эй,
Оқ сутингни қил хайр, чурия-чур-эй,
Келар йили туққанинг, чурия-чур-эй,
Бўлсинда Зуҳра-Тоҳир, чурия-чур-эй.
Шу вақт дарвоза тарафдан:
— Ойхол хола-ю, ҳув-в Ойхол хола! — демиш овоз келди.

Куйлаб соғар Бўрининг онаси миқ этмади. Насим бир сесканиб тушди: чақираётган онаси бўлди.

Бўри худди онасига тақлид қилиб овоз берди:
— Хувв!
— Ит қопмайдими?
— Қопмайди, кела беринг. Ит боғлоғлиқ, — деди. Бўрининг онаси ўғлининг тақлидидан мийиғида кулиб-кулиб соға берди:

Турткиласам иясан, чурия-чур-эй,
Бир кади сут берасан, чурия-чур-эй,
Яшириб қолган сутингни, чурия-чур-эй,
Қай бир кимга берасан, чурия-чур-эй.
Бўрининг онаси қаддини кўтарди, жойидан турди. Насим улоқни қўйиб юборди. Улоқ диркиллаб чопди, улоқ диққиллаб чопди. Чопқиллаб бориб, елинни миқ-миқ эмди. Дарвозадан Насимнинг онаси кириб келди.
— Кўргилигинг кўп бўлгур, бу бола бўлмади, куйдиргилик бўлди! - деди. - Уйда мояк қолдирмайди! Подага юборса, қўйларнинг ўзи келади! Қаёққа кетди у? Юр, уйга!
— Қўя беринг, уёқда ётди нима, буёқда ётди нима, — деди Бўрининг онаси.

Онаси Насимни қарғай-қарғай кетди. Бўри билан Насим кечаси уйқулари келгунча бир-бирини қитиқлаб ўйнади.
— Сенга бир нима айтайинми, Насим ошна? Энам сомонхонага мояк яшириб қўйибди.Тонг отсин, сенга ўғирлаб бераман...

2

Ўтовда улпи-томирлар, ҳамсоя-қўллар жам бўлди. Дастурхонда турфа ноз-неъматлар, палов-нишолда, ҳолва... бўлди.

Кун қиём бўлди.

Ўтов чанғароғидан дастурхонга тафтли нур тушди.

Суюн оқсоқол эшикка овоз берди:
— Бўриқул, чанғароқни ёп-э, офтоб тушиб қолди! Бўри чанғароқ ипини тортиб ёпди.

Ўтов ичи қорайиб қолди.

Насим ўтов чипталарини йиғиб қўйди.

Ўтов тағин ёришди.
— Сув олиб келинглар, қўлни чайқайлик, — деди Суюн оқсоқол.

Бўри елкасига сочиқ ташлади. Обтовада одамлар қўлига сув қуйди.

Дастурхонга алоҳида, паловга алоҳида фотиҳа ўқилди.
— Ойхол момо дейман, олиб келинг энди атаганингизни!

Суюн оқсоқол шундай дея, қабатида ўтирмиш Мамат бобо тиззасига кафт қўйди. Қироат билан гап бошлади:
— Бир ибратомуз ҳикоят эшитганим бор...
— Ҳа-а, қани-қани, - деди Мамат бобо.
— Диёнатли замонларда манави Бўриқул билан Насимга ўхшаган икки бўзбола туз-намак бўлиб, тўн ёпишиб ошна бўлибди. Икковиям ёлғиз фарзанд экан. Алқисса, икковиям бир қориндан талашиб чиққан эмчак-дошданда иноқ, меҳрибон бўлиб юрганларида уларнинг юртида ўғри пайдо бўлибди. Подшо ўғриларни қидиртира бошлабди. Икки ошнанинг ҳаминқадар қалинлигини кўрган айғоқчилар уларни ўғри гумон қилиб, подшога чақибдилар. Подшо уларни оёғини ерга теккиздирмай келтириб, тергай бошлабди. Улар айбларини бўйниларига олмабди. Аслида йўқ айбни қандай қилиб бўйинга олиб бўлади дейсиз.
— Шундай, шундай.
— Алқисса, подшонинг қаҳри келиб, уларнинг ўжарроғини дорга осмоқчи бўлибди. Шунда иккинчиси: «Йўқ, мениям қўшиб осинг»;, дебди. Подшо бўлса: «Бор-э, мендан нима кетди»;, деб икковиниям осмоқчи бўлибди. Бировини дор остига олиб келиб, бўйнига сиртмоқ солибди. Шунда, униси келиб подшонинг оёғига йиқилиб: «Эй, подшои олам, аввал мени осинг»;, деб ёлворибди. Подшо: «Нимага ундай дейсан, фарқи нима?»; — дебди. У бўлса: «Йўқ, ҳазратим, биринчи мени осинг, мен ошнамнинг ўлимини кўрмайин»;, дебди. Подшо: «Ҳа, майли. Менга барибир»;, деб қўл силтабди. Уни қўйиб юборишни буюрибди. Бунисининг бўйнига сиртмоқ солибдилар. Энди ҳалигина озод қилингани келиб подшога ёлворибди: «Аввал мени осинг, биринчи мен ўлайин»;, дебди. Подшо ажабланиб: «Сенинг муддаонг нима?»; — дебди. У: «Ҳазратим, мен ошнамнинг ўлишини кўриб қандай чидаб тура оламан? Ундан кўра биринчи мени осинг»;, дебди.
— Ҳай-ҳай! Қаранг, ана қаранг! — дея кўзларини катта-катта очди Мамат бобо.
— Алқисса, жаллодлар дор остига унисини олиб борса, буниси подшога ёлворармиш: «Аввал мени осинг»;, дермиш. Бунисини олиб борса, униси... Жам бўлган жамоат ичида йиғламагани қолмабди. Подшо икки ошнагада қойил бўлибди. Ҳар икковинида озод қилиб юборибди.
— Офарин, офарин! — дея, бошини сарак-сарак қилди Мамат бобо.
— Қиссадан ҳисса шулки, Бўриқул билан Насим ҳам шу кундан эътиборан худди ўша икковидай қиёматли дўст бўлсин...

Бўрининг онаси Насимнинг елкасига беқасамдан тўн ёпди. Пешонасидан чўлп-чўлп ўпди:
— Энди сен ҳам менинг улим бўлдинг! — деди. Бўрида Насимларникида шундай тўн кийиб эди. Насим онасида Бўрига шундай дея, пешонасидан ўпиб эди.

XIV

Бўри полвон бош кўтарди. Насимга қаради.

«Қарибди, жуда қарибди, — дея хаёлланди. — Ё, мен ҳам шундай қаридимми? Йўғ-э, одамлар, юзларингиздан қон томади, дейишади-ку...»;

Бўри полвон руҳида илиқ кайфият пайдо бўлди.

Тағин хаёлга чўмди...

1

Тик қир. Ёлғизоёқ йўл.

Қирга ўрлаб бораётган ҳанги чарчади. Қулоқлари ости терлади.

Юк оғир-да: эгаси бўлди, хуржунда икки кўзача сув, икки боғ қиёқ ўт бўлди.

Бўри ҳангини ерга тушиб ҳайдади.

Ҳанги бўйнини чўзди. Бор кучи билан ўрга ўрлади.

Ниҳоят, Ҳолвачининг қирига чиқдилар.

Ҳанги ўркачларда арқонланмиш эшакларга тумшуғини чўзиб-чўзиб ҳангради.

Иккита ҳўкиз қўшиғлик чиғана буғдой дасталари оралаб юрди. Чаначи паншаха билан дасталарни чиғанага ортди.

Қизлар ўркачларда сочилиб-сочилиб буғдой ўрди.

Бир қиз қўшиқ айтди. У, Момоқиз бўлди.

Офтоб қирни қиздирди. Ҳавода бир нима кўзни қамаштирди. Жимир-жимир мавжланди.

Бу — ҳил бўлди.
Олтин бошоқлар тўлғонди.
Буғдойзор чайқалди, буғдойзор шовуллади.
Ўнлаб қизлар Момоқизга жўр бўлди:

Ғужмоқи буғдой,
Донгинанг тўқ-ай,
Тўп бўл, ўрайик,
Хўпда кўрайик.
Ҳолвачининг қирларидан буғдой ҳиди келди. Гала-гала чумчуқлар ўркачма-ўркач учиб донлади.

2

Қизлар Бўрини ўзлари тарафга имлади.
— Бўри, берман ҳайда! — деди.

Бўри ҳангини Момоқиз тарафга ҳайдади. Қизлар шу ёққа қараб чопди.

Бўри қиёқни қизларга гартдак-гартдакдан берди; Момоқизга мўлроқ берди.

Қизлар Бўрини кунилаб-кунилаб кетди.
— Хасис, Бўри хасис! — деди.
— Эгачим элакли бўлди, элаги тилакли бўлди! — деди.
— Бўридан ит ҳам барака топмайди! — деди.

Бўри сувни чайлага туширди. Ҳангини арқонлаб келди.

Момоқиз буғдойбоғ соясида ўтирди. Ўроғини ерга қадаб қўйди. Рўмолини бошига елвагай қилиб ўради. Бир учини қайириб оғзига тишлади. Чўп билан ер чизди. Энсиз қошлари, киприклари хиёл эгилди... Бўридан нимадир кутди.

Бўри иягини қашиди. Турди-турди, чайлага қараб юрди. Ярим йўлда елкаси оша қаради. Дарров кўзини олди. Қараганларига пушаймон бўлди.

Боиси, Момоқизда Бўрига қараётган эди!

Бўри чайлада ухлаётган Насимни туртди.

Насим ғудурлаб, у ёнига ағдарилди.

Бўри Насим қўлидан тортди.

Насим эснади. Нима дейсан, дегандай Бўрига қаради.
— Насим ошна, бир гап айтсам, бировга айтмайсанми? Ошна, Момоқиз яхши, эшитяпсанми, у яхши... - деди Бўри.

Насим сергак бўлди. Бўрига синовчан тикилди. Бўри кўзларини пирпиратди. Гапида давом этди:
— Насим ошна, сен Момоқизга айт, Бўри сени тушларида кўради, де. Сенга қиёқни дўржироқ беришида гап бор, де.
— Ўзинг айта бер.
— Мен? Бор-э, қайтиб айтаман?
— Ўзинг биласан.
— Қўрқаман-да, Насим ошна. Сен билмайсан, неча марталаб айтаман дедим, бўлмади. Кўзига кўзим тушса... гаранг бўп қоламан. Ҳалиям айтаман деб бориб, нима дейишимни билмай қайтиб келдим. Насим ошна, сен менинг қиёматли ошнамсан-ку, сен айт.
— Кўрамиз.

Бўри Насимни бағрига босди. Қувончидан, ҳалигина олиб келмиш сувдан бир коса қуйиб берди.

3

Қош қорайди.

Қизлар қаторасига тўшак солиб ётди.

Ёз чигирткалари чириллади.

Эшаклар тарсиллатиб ер тепинди.

Гулхан милтирамиш олис камардан дўмбира овози келди, элас-элас қўшиқ келди.

Осмонда ой балқиди.

Насим қизлар тарафга юрди.

«Ҳозир чақириб келса-я?»; — ўйлади Бўри.

Бўри қўрққанидан эшаклар ётган ёққа кетди. Эшак жабдуғига чўнқайиб ўтирди.

«Чақиргани билан барибир бормайман. Ошнам бўлса, ўзи айтсин»;, — кўнглидан ўтказди.

Ўтирди-ўтирди, тағин қайтиб келди. Чалқанча ётмиш Насим олдига чўккалади. Қўлини ушлади.
— Насим ошна, у нима деди-а? — дея сўради. — Кўзингни очиб айт, нима деди? Ё, уялиб индамадими?

Насим Бўрига ўгирилди.
— Бўри, мен гапларингни оқизмай-томизмай айтдим. Бўри ошнамга сенсиз кундуз ҳам қоронғи, дедим.
— Уҳ, бормисан, ошна! У нима деди?
— Жўра, у, бети қурсин, деб қўл силтади. Сенга кўнгли йўқ экан, жўра. Ишонмаяпсанми? Мана, қиблага қараб айтаман: агар ёлғон айтсам, кўр бўлайин!

Бўрининг дили хуфтон бўлди. Бир маҳалгача хўрсиниб ётди.

Азонда кўрпа-тўшагини ҳанги устига ташлаб минди.

Насим ҳанги ёлидан ушлади. Бўрини йўлдан қайирмоқчи бўлди.

Бўри бош силкиди. Кўнглидан шундай гаплар ўтди:

«Э, қўй, ошна, кетаман. Қизлардан қачон ёруғлик чиқиб эди-да, энди чиқади. Мен уларни одам деб, қиёқ ташиб юрибман-а»;.

Насимнинг бурни терлади. Тиниқ юзлари қизарди.
— Бўри, ўлай агар, ҳундисан, ҳунди! — деди. — Ичимдагини топ, деб безрайиб тура берасан! Бир Момоқиз учун шунчами? Ана, қир тўла қиз!

Бўри ҳанги яғиридан кўзини олмади.

«Насим ошна, ҳеч бўлмаса индамай қўйсин эди, — деди ичида. — Э, бўлди, кўрмайин ҳам, куймайин ҳам...»;

Бўри хирмонга йўл олди.

4

Хирмончи чоллар Бўрига галагов[6] ҳайдаттирмади.

Авваламбор, ҳўкизлар Бўрига ўрганмоғи лозим бўлади. Бўлмаса, бегонасирайди, юрмайди.

У майда-чуйда юмушларни бажариб юрди.

Бир куни офтоб қайтиб, ҳўкизларни сувлатиб келди. Ўнг кафтини пешонасига соябон қилиб, қирга қаради.

У... Момоқизни кўргиси келди!

Ҳангини қирга бурди. Сой ёқалаб бораётиб эди, эшакли Насим қирдан эниб кела берди.

Бўри изига қайтмоқчи бўлди, аммо сир бой бермади. Йўлида давом этди.

Юзма-юз бўлиб тўхтади.

Гарчи Насим сўрамаса-да, Бўри боши билан қирга ишора қилди.
— Шу ёққа... хирмончилар бир иш билан юбориб эди, — деди.
— Юр, чайлага, — деди Насим.
— Йўқ, ишим зарил.

Насим айёрона илжайди. Хушрўй кўзлари ўйнади. Тишлари орасидан «чирт»; этиб тупурди.
— Момоқизнинг олдигадир-да? — деди. Бўри ловиллаб кетди.
— Ҳа, Момоқизнинг олдига, ҳа! — деди. — Сенга шу гап керакмиди?
— Э, бор, менга деса, оёғига йиқил!
— Йиқиламан! Мен шундай оёқости одамман! Бўлдими? Пойига йиқилиб, Момоқиз, мен сенга нима ёмонлик қилиб эдим, дейман! Бўлдими?

Бўри ҳангига ходачўп урди.

Насим таҳликага тушди. Изидан етиб келиб, йўлига кўндаланг бўлди. Бўри ҳансиради.
— Қоч йўлдан, қоч! Мен Момоқизга ёлворгани кетяпман! — деди.
— Бўри, борма!
— Нега ҳукм қиласан? Нима, ҳосилотмисан?!
— Бўри, мени жўрам десанг бормайсан.
— Сенга нима?!
— Бўри, мен... сени алдаб эдим. Бир-бирига тикилди.

Насим кўзларини олиб қочди. Сўқмоқ четидаги турнақатор қумурсқаларга тикилиб қолди...

5

Бояги тун. Чўпонлар гулхани. Элас-элас қўшиқ.
— Айт айтгичингни, Насим, қизлар ёмон хаёлга боради.
— Момоқиз, Бўри сенга бир гап айтаман, деб юрибди.
— Биламан, айтолмаяпти.
— Момоқиз, у менга кўнглини ёрди, тайин айт, деди.
— Ўзимга айтишга уялган гапни сенга асло айтмас.
— Айтишга бет чидамайдиган гап-да, Момоқиз. Айтайинми, нима деди? Момоқиз билан... ўйнагим келяпти... қўйнига кираман, деди.
— Ё пирим, чини билан шундай дедими?
— Алдасам, кўр бўлайин!
— Унда, Бўрининг бетига қарамаганим бўлсин! Бетини мурдашуй кўрсин!
— Тағин, унга айтиб юрма, ошна деган отимиз бор...

6

Бўри ҳангини олға қимтиди.

Ёнларидан одам бўйи қуюн чарх уриб ўтди.
— Айт, нима деб алдадинг?
— Айтмайман.
— Мен сенга гапиряпман!
— Бўри жўра, урсанг ур, барибир айтмайман.
— Айт деяпман!
— Бўри, жўра, Момоқиз менгаям ёқади... Бўри изига бурилди. Хирмонга келди. Қоронғи тушгач, супага тўшак ташлаб ётди. Чоллар уйқулари кела бермагач, чўпчак айтди, матал айтди.

Бўри бошини кўрпа остига яширди. Кўзларини юмди...

Бўрининг кўнглида ўз достони бўлди. Бу достон ҳали куйланмади. Достонни уч одам билди: Момоқиз, Насим, ўзи билди. Достон давом этди...

XV

Аёз зўрайди.

Полвонлар оғзидан чиқмиш буғ қуюқдан-қуюқ бўлди.

Олиш қизигандан-қизиди.
— Полвонлар, ўйнаб-ўйнаб олишинглар! — деди давра.
— Ҳа-ҳа-а-а, гардкам!
— Э, қўйма!
— Омон полвон, чил бер!
— Шу, Бобоқул билан Мамат полвон жуда ланж экан, нима дедингиз, Бўри полвон?
— Э, сиз сўраманг, мен айтмайин! — деди Бўри полвон. — Мағзава, ланж ҳам гапми, мағзава! Халойиқ, кўрдиларинг, Бобоқул полвон билан Мамат полвон не вақтдан буён олишиб, на йиқитади, на йиқилади! Ерга қараб суяшиб юргани юрган! Мен уларни қурдан ҳайдаб юбораман, майлингизми?
— Давранинг фикриям шу!
— Бўлмаганга бўлишма деган!
— Бобоқул, кўп чақчайма, Бўри полвон тўғри қиляпти!
— Олиш — санъат, ҳа!
— Минглаб одам уйқудан қолиб сенга қараб ўтирибди! Шундай экан, санъатингни кўрсат-да, баччағар!

XVI

— Халойиқ, — деди Бўри полвон, — манави икки полвон даврага гаплашиб чиқибди экан! Бировимиз астагина йиқилиб, олган қўйни сўйиб еймиз, деб келишибдилар. А? Буни менга айғоқчилар етказди! Қолаберса, олишлариям кўрсатиб турибди! Халойиқ, мен буларниям даврадан бадарға қиламан!
— У-у, ола желак, ундан кўра бўйнингга тўрва осиб тиланчилик қил!
— Ўл-э, шу кунингга-эй!
— Қўй ейсан-а, қўй ейсан, заҳаримни е! Полвонлар қурдан бош эгиб, қуруқ чиқиб кетди. Жума полвон Шер полвон ичидан чил берди. Шер эса уни белидан маҳкам қучоқлаб турди. Борди-ю, Жуманинг оёғи чиқиб кетса, Шер полвон уни кўтариб, орқага қайириб уради.
— Шер полвон, кўтар осмонга, кўтар!
— Ё-ё-ё!

Жума полвоннинг оёғи илондай чирмашган экан, чили чиқмади.
— Шер полвон, бу кўтаришинг бекор! Даст кўтариш керак, даст!
— Қўрқма, йиқилсанг изингдан ўзим чиқаман!
— Кўтараётганингда орқага кўп чалқайма, бу хавфли! Кўта-а-ар!
— Ё-ё-ё!
— Чилини чиқариб юбор, чилини!
— Ё-ё-ё!
— Бали-бали-и-и! Гурс!
— Баракалла, Шер полвон, бундан зиёд йиқитиб бўлмайди!
— Тўнни тўрдаги чолларга бериб кет, олқайди!
— Намоз полвон, ерни тавоф қил, қўллайди! Алимардон полвон...
— Ё-ё-ё...
— Бали, полвон, бали! Менинг қўлим эмас, отамнинг қўли, деб олиш, ҳа!
— Полвон, пирингни ҳамиша ёд эт, мадад беради!

1

Бўри уйғониб, теваракка аланглади.

Тонг отди.

Ҳўкизлар мудраб-мудраб, вазмин-вазмин кавш қайтарди.

Тўрғай ҳанги яғирига қўниб чулдиради.

Файзиёб еллар елди.

Бўри эрталабки таътилдан кейин уч ҳўкизни бир-бирига бўйнидан матаб, галаговга қўшди. Оёқларига чориқ кийди. Толхивични олиб, хирмонга кирди.

Хирмончи чол паншаха билан ёйилиб кетаётган сомонларни ҳўкизлар оёғи остига ташлаб турди.

Ҳўкизлар хирмон янча бериб ўрганиб қолди. Ҳамиша бир йўлдан юрди.

Ҳўкизларга эргашиб юрган Бўрининг чориқлари сомонга кўмилиб-кўмилиб кетди.

Хирмончи чол:
— Ҳай баракалла! Майдалаб ҳайда, майдалаб! — деди.

Бўри чолга қараб кулиб қўйди. Томоғини қирди.

Боботоғ чўққилари ёришди.

Қирга ўрлаб кетадиган сўқмоқда бир эшакли борди. У Насим бўлди. Насим ўроқчиларга қиёқ олиб борди.

Бўри тишларини-тишларига қаттиқ босди.

Гаврон билан ҳўкизлар сағрисига сўкди. Бор овози билан қўшиқ бошлади:

Йўртиб-йўртиб ҳайдагин-а, майда-ё, майда-ё,
Дон сомондан арисин-а, майда-ё, майда-ё,
Айни саҳар бўлганда-ё, майда-ё,
Хўжайи Хизир дорисин-а, майда-ё, майда-ё.
Ҳўкизлар қадамидан чуқур из қолди.Сомон тагидаги буғдой ғижир-ғижир этди. Бўрининг овози дардли бўлди:

Айри-айри туёғинг, майда-ё, майда-ё,
Олмос бўлсин жонивор-а, майда-ё, майда-ё,
Сени боққан деҳҳонлар-а, майда-ё, майда-ё,
Сармаст бўлсин жонивор-э, майда-ё, майда-ё.
Жонивор, анови кетаётган эшаклини кўряпсанми?

У менинг қиёматли ошнам Насим.

Жонивор, менинг на отам, на ака-укаларим бор. Ёлғиз ўғилман. Отам ҳам, ака-укаларим ҳам ана шу ошнам...

Ҳайда, жонивор, ҳайда, темир туёғим, ҳайда!

Мўл хирмондан олдим сомон, майда-ё, майда-ё,
Ошиққа қоронғидан ойдин ёмон, майда-ё, майда-ё,
Ошиқлар муродини берсин худо, майда-ё, майда-ё,
Кечалар ёмғир ёғар, кундуз туман, майда-ё, майда-ё.
Бировга айтма, жонивор, ҳай анави қирда бир қиз бор, шу қиз менинг кўнглим эди.

Қиёматли ошнам кўнглимга чанг солди! Уҳ, кўргилик!

Мен ошнамга ишониб эдим, жонивор. У ишончимни оёқости қилди.

Қиёматли ошнангдан шу иш келгандан кейин ўзгалардан нима умиду нима хайр?

Бировга айтма, жонивор, айтгилиги йўқ...

Яна-тағин қасам ичди, жонивор, эшитяпсанми, қиблага қараб қасам ичди! Қасам ёмон, жонивор, ёмон...

Ҳайда, жонивор, йўртиб-йўртиб ҳайда!

Во ажаб, бу қандай дунё бўлди, жонивор?

Ўртада бурун бўлмаса, у кўз бу кўзни ўйиб олади шекилли?

Момо ўзи яхши қиз, майда-ё, майда-ё,
Майда билан тўқмиз биз, майда-ё, майда-ё,
Буғдой кирса омборга, майда-ё, майда-ё,
Тўй қилардик эрта куз, майда-ё, майда-ё.
Ўзинг ўйла, жонивор, Насим кўриб-билиб туриб, Момоқизга кўз олайтирди-я! Жондай ошнаси суйганига-я?..

Жонивор, мен Насимнинг онасини онам, деб эдим. Онаси қўлларидан туз еб эдим...

Оналаримиз, ўла-ўлгунча содиқ дўст бўлинглар, дея, бизга оқ фотиҳа бериб эди...

Бўз-бўзига — бўзига, майда-ё, майда-ё,
Қўйлар келар қўзига, майда-ё, майда-ё,
Эркак ҳазил қиларми, майда-ё, майда-ё,
Ошнаси суйганига, майда-ё, майда-ё!..

Ошиқ бўлдим, арпанинг сомонига, майда-ё, майда-ё,
Ўлим берсин, қизларнинг ёмонига, майда-ё, майда-ё!..
Жонивор, бўлди, мен энди Насим билан юз кўришмайман.
Бўлди, мен энди Насим билан бир умр гап қўшмайман...

XVII

Тун яримлади.

Полвонлар сийраклади.

Карим пўстак билан Раҳмат полвон қолди.

Карим пўстак? Ойдинким, пўстакни қаёққа отиб юборса, ерга албатта тескариси билан бориб тушади.

Каримни ҳам қаёққа отиб юборса, ерга тескариси — кўкраклари билан бориб тушади.

Эл Каримни пўстак дейишининг боиси ана шунда.

Карим пўстак Раҳматни қўл чилга олди: ўнг қўлини унинг қўлтиғидан ўтказиб, ёқасидан ушлади.

Раҳмат полвоннинг чап қўли кетига қайрилди.

Давра қичқириб юборди:
— Ай-ай, пўстак, қўйиб юбор!
— Қўйиб юбор деса! Карим пўстак қўйиб юборди.

Қайтадан олишганларида тағин қўл чилга олди. Бўри полвон уларни ажратиб қўйди.
— Халойиқ! — деди. — Карим полвон қўл чилга олиб номардлик қилди! Унинг кўнглида ёвузлик боракан! Мен уни даврадан бадарға қилмоқчиман, сиз нима дейсиз?
— Тўғри-тўғри!
— Бундайчикин полвонни яна қайтиб даврага ёнош-тирмаслик керак!
— Карим пўстакнинг кўнгли кир экан! Бўри полвон Карим пўстакка юзланди.
— Ана, эшитдингми? — деди. — Халқ ҳукми — Ҳақ ҳукми! Чиқ! Э, садқаи давра кет! Қани, раис бова, Раҳмат полвонга ҳақини беринг! Карим пўстакни йиқилди, деб ҳисобладман!

Қўл чил азал-азалдан ман этилади. Боиси, қўл чилга олинмиш қўл ё чиқиб кетади, ё синиб кетади.

Қўл лат егач, қўл ўйнама бўлиб қолади.

Оқибат, полвоннинг яна қайтиб даврага чиқиши амри маҳол бўлиб қолади.

Бўри полвон даврада йиллаб олишди. Аммо бирон мартада қўл чилга олмади.

Ҳа, дарвоқе...

1

Бу, Қобил шўронинг тўйида бўлди.

Колхоз катталари шўронинг иззати учун хизматда бўлди.

Катталар орасида Бўри полвонда бўлди.

У яқинда бригадир бўлди.

Бригадирликка тайинланиши қизиқ бўлди: колхоз раиси бир неча полвон билан қўшни Регар туманига тўйга шайланди.

Бўри полвонгада одам юборди.
— Боролмайман, мазам йўқ... — деди Бўри полвон. Аслида, бормаслиги боиси бошқа ёқда бўлди. Бўри полвон раисни ёмон кўрди. Бўри полвон раисдан ҳазар қилди.

Ҳазар боиси, раис бузуғоёқ бўлди...

Шу боис, Бўри полвон раис билан тўй-маъракаларга юрмади.

Бўри полвон раис билан ош-қатиқ бўлмади.

«Наҳс босган одам билан бир ёққа юриб бўладими? Бўлмайди! Тағин, йўлда бирор-бир фалокат юз беради-да, баримиз жувонмарг бўлиб кетамиз...»;

Бўри полвон ана шундай ўйлади!

Бўри полвон, раисимиз ўзи келиб қолмасайди-ёв дея, бошини сочиқ билан ўраб-ўраб олди. Кўрпа-тўшак қилиб ётди.

Дарҳақиқат, раис бир бригадир билан келди. Девордан йўталиб-йўталиб бўйлади. Қабатидаги бригадирдан:
— Кампирнинг оти нима эди? — дея сўради.
— Ойхол момо, — жавоб берди бригадир.
— Э, ҳа, Ойхол момо... Ойхол момо! О, Ойхол момо! — дея чақирди раис.

Бўри полвон миқ этмади. Дераза пардаси бурчидан бир кўзлаб қараб ётди.

Бўри полвон онаси молхонадан чиқиб келди. Онаси қўллари... қоп-қора таппи юқи бўлди!

Раис афтини буриштирди. Юзини четга ўгирди.
— Тфу! — дея тупурди. — Қўлингизни нарёққа қилинг-е, кампир! Фаҳм-фаросат борми ўзи!..
— Тирикчилик, иним, тирикчилик, — деди онаси.
— Тирикчилик бўлса, одамга ўхшаб ўтин олинг, кўмир олинг!..
— Кўмирни пулга беради-да, иним. Нафақани оширсаларингиз экан, кўмир олсак.
— Қиладигаи касбингиз таппи ёпиш бўлса, нафақангизни ошириб бўладими! Бу... полвон қани?

Онаси Бўри полвон тайинламиш гапни айтди:
— Кўчага чиқиб кетиб эди, — деди. Раис алам билан деворга тупурди;
— Тфу! — деди. — Ҳозиргина уйида дейишди-ку?
— Чин, уйда эди. Боянагина дўхтирга бораман, деб кетди.

Раис елкасидан нафас олди.
— Уф-ф! — дея, тағин тупурди.

Раис пешонаси тиришди. Раис кўзлари қисилди. Раис лаблари чўччайди.

Раис... аламини Бўри полвон онасидан олди:
— Беш кунлигингиз борми-йўқми, нафақани нима қиласиз! — дея жўнади.

«Ҳе, энағар наҳс...»;— дея сўкди Бўри полвон.

2

Бўри полвон бормаган Регар давраси катта бўлди.

Даврада Тожикистон бир тараф бўлди, Сурхондарё бир тараф бўлди.

Даврага Денов тумани катталарида келди.

Сурхондарё полвонлари Денов катталарини қора тортиб, катталар теварагида жам бўлди.

Катталар Сурхондарё шон-шарафи учун талашиб-тортишди!

Ҳай бир катталар бор эди-да! Ор-номус учун куйиб-пишарди, шон-шараф учун куйиб-пишарди!

Эндиги катталар мажбурият билан мажлисдан бошқа нарсани билмайди!

Барибир, сурхондарёликлар йиқилди! Ёппасига!

Регардан Ўтан полвон деган чиқиб, Сурхондарёнинг суянган тоғларигача териб ташлади!

Баковул Денов катталарига қараб илжайди.
— Бўлганларингиз шуми, окун? — деди. Катталар улай-булай изза бўлмади! Ижроқўм раиси кетига ўгирилди.
— Бўри полвон қани? — дея дўқлади.
— Мазаси йўқроқ экан, келолмади, — жавоб берди колхоз раиси.

Ижроқўм раиси афсусли қўл силтади. — Э-э-э! — дея ижирғанди.

Катталар даврага дуо берилмасданоқ этакларини қоқиб туриб кетди.

Изидан полвонлар жўнади.

3

Аламзада катталар Регардаги яна бир даврага Бўри полвонни олиб борди.

Давра охирида ўша Ўтан полвон деганига чақиртирилди.

Денов катталари Бўри полвонни даврага туширди.

Курашни асл зўр полвонларга чиқарган-да! Ё йиқитади, ё йиқилади! Чўзиб ўтирмайди!

Ўтан полвон биринчи қўлдаёқ Бўри полвоннинг ичидан чил солди.

Бўри полвон Ўтан полвонни чўнқаймага олиб урди! Сурхондарёнинг шон-шарафини кўтарди!

Катталарнинг оғзи қулоғига етди.

Деновда Бўри полвон шарафига зиёфатлар берди. Совға-саломлар берди.

Бўри полвонни бригадирликка қўйди.

Шу-шу, туман катталари давраларга Бўри полвонсиз бормайдиган бўлди.

4

Шўронинг тўйида Насим полвоннинг омади келди.

У тоғчи уруғидан икки полвон билан олишди. Икковиниям биринчи қўлдаёқ йиқитди.

Ўзга полвонлар писиб-писиб қолди.

Насим полвон баковул рўпарасида ўтирди. Навбатдаги полвонни кутди.

Баковул даврага чорлади:
— Насим полвонга талабгор бўлса чиқсин!

Бўри полвон жойидан бир қўзғалиб олди: у бор даврада ҳали бирон мартада бундайин чақириқ эшитилмаб эди-да...

Оғир вазият бўлди!

Боиси, даврада ғолибданда зўр полвон ўтирибди! Бўри полвон ўтирибди!

Баковул полвонлар кўнглига қўл солди-қўл солди, фавқулодда хатоликка йўл қўйди.
— Отангга раҳмат, Насим полвон! — деди тантанавор. — Бўпти, кета бер, сендан зўр полвон йўқ экан!

Бўри полвонга ботиб-ботиб кетди!

Бўри полвон пешонаси тиришди. Баковулга ўқрайди. Ичида мана бундай деди:

«Ҳе, уккағар лоппи! Насим ҳаммани қойил қилди? Насимдан зўр полвон йўқ? У ўзи ким?»;

Бўри полвон ўзининг даврада ўтирганини билдириш учун қириниб-қириниб йўталди.

Қабатида ўтирмиш Сана полвонга зўрма-зўраки бош ирғаб қаради. Зўрма-зўраки илжайиб қаради. Бу бош ирғашда, бу илжайишда манави киноя бўлди:

«Каранг-а, Сана полвон, шундай зўр полвон бор экан, биз билмабмиз-да...»;

У, Сана полвон баковулга бориб, мана бундай дейди, дея умид қилди:

«Баковул, гапингизни қайтиб олинг. Гапингиз Бўри полвонга ботиб кетди»;.

Аммо Сана полвони тушмагур, Бўри полвон кўнглидагини уқиб ололмади.

Бўри полвон ичини ит тирнади.

«Ҳе, калланг қурсин, сендайчикин Сана полвоннинг! — деди ичида. — Бу полвон эмас, говкалла! Сана говкалла!»;

Бўри полвон Сана полвондан юз ўгирди. Чап оёғига қайрилиб ўтирди.

Давра четида лов-лов ёнмиш машъалага қараб ўтирди.

Ерга суқиғлик одам бўйи темир учида лўпчик лов-лов ёниб турди.

Бир бола лўпчикка ермойи сепиб турди.

Бўри полвон қобоқ-тумшуқ қилиб ўтирди-ўтирди... Энди, ўзини-ўзи овутди:

«Баковул лақилласа лақиллай беради-да! — деди ичида. — Насим менинг олдимда ўзининг ҳеч ким эмаслигини яхши билади!»;

Аммо Насим полвон қурдан чиқа-чиқа, даврага шундай ғолибона қаради, шундай ғолибона қаради!

«Барингни қойил қилдимми!»;— дегандай бўлди!

Бўри полвон сабр-тоқати тоқ бўлди! Бўри полвонни полвонлик қони қўзғади!
— Э, шошма! — дея, сапчиб даврага кирди. Буни кутмаган баковул довдираб қолди.
— Сизни ошнаси деб ўйлаб...— дея тавалло қилди. Бўри полвон — Бўри полвонлигини қилди! Азалдан полвон халқида сал... камроқ бўлади, деган гап бор, Йўқ, полвонларда кам бўлмайди! Полвонлар вужудида ҳовур бўлади! Полвонлар кўпкарига боқилмиш отдай асов бўлади!

Полвонлар мисоли оғир тош бўлади. Оғир тош унча-мунчага кўчмайди. Борди-ю, фалокат босиб кўчса, ёмон кўчади! Оғир тош кўчса, ёмон бўлади!

Ана, кўчди, оғир тош кўчди!

Бўри полвон давра айланди. Алп-алп одимлар отди. Насимда давралади. Бўри полвон изидан юрди.

Бояги дағдағалар қаёқда! Елкалар қисиқ бўлди, қадамлар омонат бўлди...

Зўрдан зўр чиқса, оёғи типир-типир! Бўри полвон Насим юзига қарамади. Даврада кимдир саросима билан деди:
— Икки ошна-я. Охир замон бўляптими дейман.
— Ошна бўлгани билан иккови гапиришмайди.
— Бирор гап ўтгандир-да.
— Ким билади дейсиз... Бўри полвонга алам қилди.

«Уҳ, қизбет! — деди. — Ақалли бир оғиз чиқмайман, демади-я!»;

Жуда-жуда алам қилди.

«Қизбет! Итдан бўлган, қурбонликка ярамас! Қараб тур, сен қизбетни даврага қайтиб чиқмайдиган қилмасам кўрасан»;.

Бўри полвон тўхтади. Иштонини тиззасигача липпа урди. Кўкракларини очди. Ёвуз ният қилди:

«Қизбетни бирдан қўл чилга оламан»;.

У важоҳат билан Насим полвонга қараб юрди.

Насим полвон важоҳатида ундан кам бўлмади...

Бу, Бўри полвон ўз ниятини амалга ошириш учун бўлган иштиёқини янада зўрайтирди.

«Баковул сезиб қолиб қичқирса-да, барибир қўл чил қиламан! Ўзимни эшитмасликка оламан»;.

Шундай қилиб, тағин бир неча дақиқадан кейин Насим полвон қўли ё чиқади, ё синади!

Бўри полвон ўйнаб-ўйнаб, узил-кесил ҳамлага ўтди. Қўл узатиб олға талпинди.

Насим полвон чаққонлик билан ўзини орқага олди.

Худди шу дақиқада кўзлар учрашиб қолди!

Бўри полвонга ўша қоп-қора кўзлар тик-тик боқди.

Ўша маъносиз кўзлар, ўша без кўзлар Бўри полвон учун қанчалик жирканчли бўлса, шунчалик қадрдонда эди!

Қадрдон кўзлар Бўри полвон қалбида кўпириб-тошаётган қаҳрни сўндириб юборди.

Бўри полвон беихтиёр бўшашди. Қўлларини туширди.
— Ҳақини беринглар, у зўр экан! — деди-да, даврадан чиқди-кетди.

Давра пичир-пичир қилди.
— Бўри полвоннинг бир жойида оғриқ турди, — деди.
— Бўри полвон қўрқди...— деди.

"Бўри ошна, ёмон бўлди, жуда ёмон бўлди. Бошингга ёмон кунлар солдим. Мен буни олишда кўзларингдан билдим.

Кўзларинг тўла дард бўлди, кўзларинг тўла ўпка-гина бўлди.

Ошна, сен мени юрувсиз қилдинг! Бундай зўр бўлгандан кўра ўлганим яхши эди! Одам деб дардингни менга айтдинг-а! Ошна, сенга раҳмим келади...

Момоқиз менгада ёққани чин. Лекин мен барибир Момоқизни деб сенчалик қайғурмайман, дард чекмайман.

Ошна, менга бир оғиз, ақалли бир оғиз қаттиқ гапирмадинг. Менинг кимлигимни билсанг-да, юзимга айтиб солмадинг.

Момоқизгада айтмадинг!

Ошна, буни биров эшитмасин. Эшитгилиги йўқ...

Мен ўзим бор гапни Момоқизга айтаман. Майли, мени лаънатласин, мендан нафратлансин.

Сен қиёматли ошнам бўлмаганингда ҳам сендай одам учун шундай қилардим.

Ошна, Момоқизнинг олдига бор. Кўнглингни тўқ қил: Момоқиз олдида юзинг ёруғ.

Ошна, мени фақат бир нима қийнайди: энди, иккалангнинг юзларингга қандай карайман? Энди, мендан бир умр юз ўгириб кетарсизлар?

Йўқ, ошна, мен сендан айрилиб қолгим келмайди. Бўлмаса, нима қилайин? Билмайман, ошна, билмайман..."

Бўри полвон Насимдан шу гапларни умид қилди!

«Насим ўрнида мен бўлсам, шундай қилардим, — ўйлади Бўри полвон. — Келиб, шундай дердим»;.

6

Бўри полвон интиқ бўлиб яшади. Момоқиз олдига боришга юраги бетламади. Фавқулодда Насим Момоқизга... одам қўйди! Нон синдирилди! Буни эшитган Бўри полвон ярасига тиғ теккан бемордай сесканиб, инграб юборди!

7

Насим полвон яшашни билди.

У Момоқиз билан бошқа бригадага ўтиб кетди.

Олча гуллаётганда тўйлари бўлди.

Насим Бўри полвонларнида тўйга айтди.

Тўйга Бўри полвоннинг онаси борди.

Бўри полвон:
— Мажлис бор эди...— дея, туман кетди.

8

Насим полвон янги бригадага эл бўлмади.

Бригадир билан ади-бадидан боши чиқмади.

Тағин бошқа бригадага ўтди. Нимагадир, бунисигада сиғмади.

Буғдойпояда ўқариқ қазишдан эрта қайтди.

Белбоғини остонада серрайиб турмиш Момоқиз қўлига отиб юборди.
— Биламан, бунинг ҳаммаси Бўрининг иши! — деди. — Насим қаерга борса кун берманглар, деб айтиб қўйган! Ундан яхшилик чиқмайди! Ичи қора унинг! Қовоғидан қор ёғиб юришиям айтиб турибди! Ранг кўр, ҳол сўр, деган! У бизни қўймайди! Кетамиз, дунёнинг колхози битта эмас! Э, сендай жўрамнинг...

Насим полвонлар кўчди.

Насимлар кўчиб кетишини эшитмиш Бўри полвон том устида олисларга термулиб-термулиб ўтирди. Хўрсиниб-хўрсиниб ўтирди.

Кўч-кўрон ортмиш уловлар қишлоқдан чиқиб, Шўрчи йўл олди.

Бўри полвон кўнгли ўртаниб-ўртаниб қолди, талпиниб-талпиниб қолди.

Кўнгил яқинлари Бўри полвондан тобора олислаб-олислаб кетди...

9

Шундан кейин Насимларни қишлоқдаги уруғ-аймоқлари тўй-маъракасида кўрди.

Бўри полвон Насимдан ўзини олиб қочди. Насим билан юзма-юз бўлмади.

Момоқизни бўлса, кўрмади. Аммо... кўргиси келди!

Бир тўйда ўзини қоронғига олди.

Олов теварагида давра бўлиб ўйин қилмиш аёлларга назар солди. Диққат билан назар солди... Момоқизни излади!

Билди, шу қатор аёллар орасида Момоқиз бўлди. Билди, Момоқизда чакагини рўмол билан ўраб, оловга қараб турди.

Ана, Момоқизда даврага кирди!

Қулочини омонат очди. Рўмолини юзига пардалар қилиб-қилиб ўйнади.

Ўзи ўйнаб, ўзи қўшиқ айтди:

Яхши қизнинг нозини

Ким кўтаради-ё,

Теккани қобил бўлса

Шул кўтаради-ё.

Бўри полвон бир энтикди! Тағин бир тўйда Момоқизни олисдан кўрди. Кундуз куни бўлди. Момоқиз бағрига бола босиб турди. Боласи Момоқиз рўмолини тортқилаб-тортқилаб турди...

Бўри полвон икки энтикди!

Оҳ — юракдан, ёш — кўздан бўлди...

10

Шу-шу, Момоқизни ўйласа, кўнгли туб-тубида парокандалик кечар бўлди. Дунё кўзига тор кўринар бўлди. Кўнгли ўксир бўлди.

Оқибат, Момоқизни ўйламас бўлди. Момоқизни эсламас бўлди.

Момоқиз тилга олинса, эшитмас бўлди. Индамай туриб кетар бўлди.

Бошқа нимада қилсин, Момоқиз энди бировлар аёли бўлди!

XVIII

Бўри полвон даврадан хурсанд: жанжал-араз йўқ. Полвонлар сени менга бормай олишаяпти. Ўзини ойнага солмай олишаяпти. Ўзини тарозига солмай олишаяпти.

Ана, хўжасоатлик Садир полвон шўрчилик Рўзи полвонни елкасидан ошириб урди.

Рўзи полвон орига Максим полвон деган чиқди.

Садир полвон:
— Э, у спорт мастери, чиқмайман, — дея туриб кетди. Максим полвон самбо кураши бўйича спорт устаси экани чин бўлди. Баковул рўпарасида талаб қилиб ўтириб-ўтириб кетди.

Бўри полвон хўжасоатликларга оғиз солди: — Чиқингларда энди! — деди.

Уёқдан Амир полвон:
— Полвон бова, Садирнинг кўли лат ебди! — деди. Бу шунчаки баҳона бўлди.

Шўрчиликлар пичинг қилди:
— Нимага бир полвонни йиқита солиб қочасизлар!.. Сиғса, даврага чиқингизлар-да! — деди.

Илкис пичинг Садир полвон баҳона бутун давра эгаларига қарата айтилди.

Бўри полвон «ялт»; этиб шўрчиликлар тўдасига қаради.

Кейин, Амир полвонга юзланди.
— Ундай бўлса, бошқасини чиқар! — деди. Амир полвон:
— Э, полвон бова, мастер спортга тенг кеп бўладими? — деди.

Бўри полвон меҳмонлар олдида изза бўлди. Хивич учи билан чироқда йилтирамиш сомонларни титкилади.

Шунда, даврага ёши ўтиб қолмиш Нормурод полвон чиқиб келди. У дуч келмиш одам рўпарасига чўкди. Қўлларини кетига тиради. Орқасига чалқайиб, оёғини узатди.
— Маҳсини торт, торт маҳсини! — деди.

Торта бермагач, Нормурод полвоннинг ўзи маҳсиларини тортиб-тортиб суғурди. Пайтаваларини чувалатиб-чувалатиб ташлади.

Жойидан сапчиб турди. Ўз полвонларига қаҳр билан қўлини шоп қилди.
— Чиқмайсанми-а, чиқмайсанми? — деди. — Элга эшиттириб айт! Чиқмайман, де! Қўлингни кўтариб айт! Унда, мана мен чиқаман!

Нормурод полвон баковул рўпарасига бориб чўккалади. Шўрчиликларга қўлини силкиб айтди:
— Қани, мастер спортингни берман юбор! — деди. Аммо шўрчиликлар Максим полвонни даврага туширмади. Боиси, Нормурод полвоннинг соқоли оппоқ эди...

Шўрчиликлар тўпидан овоз келди:
— Сизга қойил бўлдик, Нормурод полвон, бизга анави полвонларингизни чиқаринг!

Нормурод полвон давра айлана берди.
— Бизда полвон йўқ, бўлса чиқарди! — деди. Бўри полвон домангир бўлди:
— Полвон, кўтарилма, кўп кўтарилма! — деди. Нормурод полвон Бўри полвон қўлидан юлқиниб чиқди. Яна даврага айланди.
— Э, мастер спорт тугул, дев бўлсаям чиқаман! — деди.

Бўри полвон Нормурод полвон тирсагидан маҳкам ушлади, даврадан етаклаб чиқди.

Нормурод полвон тағин даврага талпинди:
— Нормурод полвоннинг кўзи очиқ бўп туриб, унинг эли ерга қарайдими? - деди. — Ушламанг мени, полвон бова, ушламанг! Э, ерга киргизиб юборсаям чиқаман!

Бўри полвон қалбинида айни шундай туйғулар тирнади. Аммо кексаларга хос вазминлик билан ўзини босиб турди.

Даврага кириб, хўжасоатликларга овоз берди:
— Амир, Тиловбердини берман юбор! Тиловберди, мунда ке! — деди.

Шунда, даврага Бўри полвоннинг ўғли Тиловберди чиқиб келди. Бўри полвон ўғлини тирсагидан етаклаб, баковул рўпарасига ўтирғизди. Шўрчиликлар кўнишга кўнди-ю, Максим полвон рози бўлмади.
— Тиловбердининг вазни оғир, чиқмайман, — деди. Бўри полвоннинг зардаси қайнади.
— Нима, энди даврагада тарозига тортиб чиқарайликми? — деди. — Кўриб турибсан, бўйи басти сендан зиёд эмас, чиқа бер-да! Чиқ-э, ота-бовамиз тарозисиз олишган!
— Э, чиқ-е, Максим-э, йиқилсанг ер кўтаради-да! — деди шўрчиликлар.

Полвонлар фотиҳа олиб кетди.

XIX

Бўри полвон ич-ичидан зил кетди. Ўзи билан ўзи гапиришди.

"Биз полвонлик мактабида ўқимадик. Полвонлик бизга отамерос. Пуштдан-пуштга, қондан-қонга ўтиб келяпти.

Полвонликнинг кўзга кўринмас, тил билан тушунтириб бўлмас шундай сирлари борки, буни фақат томирида полвонлик қони борларгина билади. Биз биламиз!

Бу сирлар ҳеч бир китобда йўқ!

Мана, менинг ўзим. Сурхон воҳасида мендан йиқилмаган полвоннинг ўзи йўқ! Ўша мактаб кўрган спорт мастерлариям яғринимдан ошиб кетди!

Халқ нимаси билан халқ?

Ўзининг урф-одатлари билан халқ! Ота-бобосидан қолган миллий анъаналари билан халқ!

Кўп урф-одатларимизни бировлар... бировлар ўзиники қилиб олди! Биз қўлимизни бурнимизга тиқиб қолдик.

Шундай кета берсак, ҳадемай... ўзимизнида бой бериб қўямиз!

Буёғи камдай, не-не нималаримизни эскилик сарқити деб йўқ қилдик. Хиёл бўлмаса, халқнинг ўзини-да... эскилик сарқитига чиқариб юборайин, дедик! Бугун буни йўқота берсак, эртага уни йўқота берсак, адирдаги... подадан нима фарқимиз қолади?..

Биз ҳадемай бу дунёдан кетамиз. Ўзимиз кетсак-ку, гўрга-я. Ўзимиз билан... Буни раис биладими?.."

Бўри полвон раисга қараб-қараб қўйди.

Тағин нималардир... нималардир йўқолиб боряпти...

Бўри полвон ўйлади-ўйлади... Ўйлаб ўйига етди...

"Авлодлар алмашган сайин... ё, пирим-э, туф-туф-туф... авлодлар алмашган сайин... юрак йўқолиб боряпти!

Жасад бор! Ақл бор!

Юрак йўқ!

Тўрт мучал бор! Куч-қувват бор!

Юрак йўқ!

Кўкрақда жон бор!

Юрак йўқ, юрак!..

Фарзандлар ҳаётга бепарво қарайди. Мусибат билан хурсандчилик фарқига бормайди.

Фарзандлар ўзлари минаётган машинага ўхшайди! Одам ким, машина ким, билиб бўлмай қоляпти..."

XX

Максим полвон енгсиз, ёқасиз желак кийиб чиқди. Бўри полвон бармоқлари учи билан желагидан ушлади.
— Эб-эй, эб-эй, Максим иним, бу қандай либос? Мабодо майкамасми? — деди.

Максим полвон ўзича тушунтирган бўлди, Бўри полвоннинг энсаси қотди.
— Шу гапингга номаъқулнинг нонини ебсан! — деди. — Ўзингни иззат қилмасанг ҳам даврани иззат қил! Бор, ўзимизнинг кийимдан кийиб чиқ.. Бунингни на ёқаси бор, на енги бор, қаеридан ушлаб бўлади? Манави бренжангни қара... Иштонбоғиям резинкадандир-да? Тортганда узилиб кетса нима бўлади? Э, бор, қалинроқ иштон кийиб чиқ! Попукли иштонбов бойла, белни ушлайди!

Максим полвон олифтачилик қилди.
— Мусобақаларда шундай кийиниб олишади! — деди.
— Ай, Максим-ай, Максими тушмагур-ай! — деди Бўри полвон. — Кўп катта янгилик айтдинг-да! Шу янгилигинг учун суюнчисига иштонимни ечиб берайинми?

Давра қийқириб-қийқириб кулди!

Максим полвонда оғзини ушлаб-ушлаб кулди.
— Ай, Максим полвон! — деди Бўри полвон. — Сен Бўри полвон билан ўрлашма! Қайтариб айтаман, кўп ўрлашма! Ўша самбонгдада енгли желак кийиб олишади! Бўри полвонни билмайди дема! Бўри полвон...

Бўри полвон ўз даврида турли мусобақаларда қатнашди. Кубоклар олди...

Кубокни умрида биринчи бор кўриб, айлантириб қаради-қаради...
— Хушрўй самовар экан, — деди ўзича. — Яхши бўлди, чой қайнатиб ичамиз...

Уйига келиб, сўраб-суриштирди. Биладиганлар:
— Йўқ, бу самовар эмас, бу кубок, Бўри полвон, кубок! — деди.
— Эбо-эй, эбо-эй! — деди Бўри полвон. — Унда, буни нима қиламан-ай?
— Сандиққа солиб қўйинг.
— Сандиққа сиғмайди-да.
— Унда, шкаф устига қўйинг.

Бўри полвон кубокни шкаф устига қўйди.

Бўри полвон кубокни кунда кўриб турди. Лекин кубок номини эслаб қололмади. Борди-ю, эсласа, кубок номини яхши айтолмади. Кубок сўзи тилига ўтирмади.

Шу-шу, кубокни самовар дейдиган бўлди.
— Бўри полвон катта мусобақаларда олишиб, самовар олган! — деди Бўри полвон. — Иккита, ҳа, иккита! Ишонмасанг ана, уйга бориб кўр — шкафнинг устида турибди!

Давра гурр-гурр кулди!

Бўри полвон ўзида даврага қўшилиб кулгиси келди! Аммо тентакка ўхшаб, ўзим гапириб, ўзим кулмайин, деди-да, мийиғида кулиб қўя қолди.
— Ҳай, уккағар полвонлар-е, куласан-а, куласан! — деди.

Максим полвон даврага мос кийиниб келди. Бўри полвон разм солди-разм солди-да:
— Ҳа, бали, бу бошқа гап! — деди.

Кейин, собит қадамлар билан давра айланиб жар солди:
— Халойиқ, сўзимни эшитинг! Болалар, кўп талатўп қилма, гапни гапга қўш! Халойиқ... Ай, Хумор момонинг невараси, тек ўтир дейман, бўлмаса,... кесиб оламан! Халойиқ, манави тик желак кийган хўжасоати Тиловберди полвон! Буниси шўрчилик Максим полвон! Айтиб қўйганим яхши, Максим полвон мастер спорт! Самовар ҳам олганмисиз, полвон? Эшитдингиз-а, халойиқ? Максим полвоннинг самовари йўқ экан! Бу икки полвонга бир гўсам серка, бир жуфт учламчи калиш, беш сўм пул қўйилди!

Тиловберди полвон одатй бўйича белбоғини бўйнига ташлаб давра айланди.

Бўри полвон ўғлини зимдан кузатди. Бирон-бир нуқсон тополмади.

Хотири жам бўлиб, бош баковул олдига ўтирди.
— Бир пиёла чой беринг, — деди. Ўғлига тикилиб қолди...

1

Сариосиё бир давра Тўполон дарёси ёқасида бўлди.

Дарё ўз оти ўзи билан шовқин солиб оқиб турди. Тўполон билан оқиб турди.

Бўри полвон ўшанда умрида биринчи бор фарғонача кураш кўрди.

Давра эгаларинииг кўпчилиги Фарғона водийсидан эди-да. Улар Сурхон воҳасида колхоз тузиш учун Йўлдош Охунбобоев ташаббуси билан кўчиб келиб эди-да.

Водийликлар олишни кураш, деди.

Водийликларда ўз курашларини намойиш қилди: икки полвон бир-бирлари белидан қўлларини ўтказиб ушлаб, суяшиб юра берди..

Бу орада воҳа полвонларидан бирови оёғи осмондан келиб ерга тушди. Бирови рақибини елкадан ошириб отди.

Давра гурсиллаб турди, давра ҳайқириб турди!

Бўри полвон водийликларга қаради.

Водийликлар ҳамон суяшиб юрди!

Бўри полвон ҳафсаласи пир бўлди.

Водийликларга эътибор бермай қўйди.

2

"Ўзи улар мулойим халқ-да, — деди Бўри полвон ўзича. — Жуда мулойим. Олишлариям ўз табиатидан кеп чиқади. Мана, биз ўлгудай қўпол элмиз. Олишимиздаги мардоналик-да, ботирликда шундан. Ҳай, майли. Халқ турли-туман бўлса яхши. Бу — улканлик, улуғлик аломати бўлади. Мана, фарғонача кураш. Буям ўзимизники! Демак, иккита курашимиз бор экан! Қандай яхши! Бойлик, бойлик!

Аммо-лекин уккағар водийликлар кўп ашулачи халқ бўлади-да! Худо ашулани водийликлар учун яратган-да! Ҳалиги... биттаси бор эди-ку, оти нима эди..."

Бўри полвон ўйлади-ўйлади, тополмади. Раисга ўгирилди.
— Қайси бир йили Сталин колхозидан бир бола ашула айтиб чиқиб эди, оти нима эди? — деди.
— Қайси? — деди раис.
— Ҳалиги...бир деҳқон бола бор эди-ку, асли қўқони? Қайси бир йили раҳматлик Маъмуржон Узоқов кеп, Тошкентга эргаштириб кетди-ку?
— Ҳа-а, Ҳасан Султонов денг. Ашула айтиб юрибди, нима эди?
— «Фиғонким, гардиши даврон...»; Во уккағар, ана ашула! Одамнинг кўнглини бузиб юборади-я!
— Ҳа, полвон бова-е, Ҳасан Султонов полвон бўлганда отини эсдан чиқармасдингиз-а...

Бўри полвон мийиғида кулди.

3

Дарҳақиқат, Бўри полвон умрида жуда кўп одам кўрди. Мулоқотда бўлди.

Аммо жуда оз одам отини билди. Фақат полвонлар отини тўлиқ айта олди.

Боиси, Бўри полвон даврага чиқиб курашмаган эркакни... эркак демади!

Бирор одам ҳақида гап бўлса, Бўри полвон:
— Полвонми-йўқми? — дея сўради. Йўқ, жавобини эшитса, қўл силтади.
— Эркакнинг султони олишади, ҳа! — деди. — Ана, Хидир полвон, кези келганда даврани гурсиллатиб олишиб кета беради. Мен раисман, деб ўтирмайди. Бўлмаса кимсан — Ботиров-а! Арбоб, ҳа, арбоб! Ана уни чин эркак деса бўлади! Чунки ота-бовасининг ҳунарини ерда қолдирмаяпти!

Борди-ю, одамлар эътироз билдирса, Бўри полвон гапни чўрт кесди:
— Нима десанг, де, мен ўйинни билмаган аёлни — аёл демайман, даврада олишмаган эркакни — эркак демайман!

Бўри полвон бешикдаги чақалоқдан тортиб, нуроний чолгача барча-барчаси исмига полвон сўзини қўшиб айтди. Даврада курашганми-йўқми, барибир — айта берди.

Айтганда-да, оғзини тўлдириб айтди, ғурур билан айтди!

Ҳамсоялариникига олисдан меҳмон келди.

Ҳамсоялар Бўри полвоннида чақирди.

Бўри полвон меҳмон билан бир қўллаб кўришди. Иримига ҳол-аҳвол сўради.

Бегонасираб ўтирди.

Шунда меҳмон курашдан гап очди.

Ана шунда Бўри полвон яйраб кетди!
— Э, бали! Ўзимизнинг одам экансиз-ку! — деди. Меҳмон олдига силжиброқ ўтирди. Қайта бошдан қўшқўллаб-қўшқўллаб кўришди.

Қуюқ-қуюқ сўрашди.

Бўлиб ўтмиш давралардан гапирди. Қандай қилиб самовар олганларидан гапирди.
— Ўйнаб бориб, уккағарнинг полвонини мана бундай ушладим...— деди. — Қаранг-қаранг, қўлимга эътибор беринг, қўлимга!..
— Биздада олишиб эдик...— деди меҳмон. Бўри полвон гапни илиб кетди.
— Самоварда олганмисиз? — деди.
— Ҳа-да!..

Бўри полвон меҳмон бўлмиш тиззасига тапиллатиб бир урди.
— Э, бормисиз! — деди. — Отангизга раҳмат! Полвоннинг хўрози самовар олади, ҳа!

4

Сариосиёдаги ўша даврада Бўри полвонга тенг топилиши қийин бўлди.

Давра эгалари талвасада қолди.

Борди-ю, Бўри полвонга талабгор бўлмаса, сариосиёликлар деновликлардан қойил бўлди, бўлади.

Ўз уйида қойил бўлиш, мағлуб бўлишданда ёмон бўлади!

Шунда, даврага ёшгина бир йигит чиқиб келди. Бўри полвонга талабгор бўлди. Давра эгалари шундагина енгил нафас олди.

Бўри полвон ёш полвонга менсимай-менсимай қаради.

«Лайлакнинг юришини қиламан деб, чумчуқнинг пути йиртилган экан! — дея ўйлади Бўри полвон. — Бу ёш бола-ку! Ўйлаб иш қиляптими? Ё, кайфи борми?»;

Бир ёш бола Бўри полвон шон-шавкатини назарга илмай қурга югуриб чиқиши, Бўри полвон иззат-нафсига тегди.

Бўри полвон дарғазаб бўлиб даврага кирди.

Бош баковул олдига ғоз юриш қилиб борди. Давра одати бўйича талабгор ёш полвон қабатига бориб ўтириши лозим бўлди.

Аммо Бўри полвон давра қоқ ўртасига бориб чўк тушди. Бўри полвон бу билан ўзини анави ёш бола ёнида ёнма-ён ўтиришга ор қилишини билдирди.

Анави ёш болага, кўрпангга қараб оёқ узатсанг-чи, деган қараш қилди.

Бўри полвон билан Исмоил отли бу ёш полвонга бир ғунажин, яна бир қанча майда зотлар қўйилди.

Бўри полвон Исмоилни кўзга илмай-кўзга илмай давра айланди.

«Тайёр ош-ку»;... — дея ўзидан кетди.

Оқибат... Бўри полвон... Полвон номини олгандан буён умрида биринчи марта елкаси ер кўрди!

Қандай йиқилди — ўзида билмади!

Кўзларини очса... осмон тўла юлдуз бўлди!..

Оҳиста-оҳиста жойидан турди. Бош эгиб-бош эгиб даврадан чиқди.

Ҳамроҳлари ҳамдард бўлиш учун қўлтиғидан ушлади.

Бўри полвон ҳамроҳлари қўлини зарда билан силтаб-силтаб ташлади.

Чопонига чўнқайиб ўтирди. Тиззаларини қучоқлади. Пешонасини билаклари устига қўйди... Ҳўнг-ҳўнг йиғлаб қўя берди! Ҳамроҳларига жавдираб-жавдираб қаради.
— Чиниминан йиқилдимми-а, чиниминанми-а?.. — деди.

Сел-себор йиғлаб қўя берди...

5

Бўри полвон елкаси ерга теккани элга ёйилди. Бўри полвон номи билан ғурурланиб юрмишлар ичи ачий-ачий бош чайқади.
— Ёмон бўпти-да...— деди.

Давраларда Бўри полвон дастидан рўшнолик кўролмай юрмишлар хушвақт-хушвақт бош ирғади.
— Бўри полвонда тамом бўпти...— деди.

Бўри полвон эл орасида бош кўтаролмай қолди. Уйидан кўчага чиқмай қолди.

Кейин, ўша ёш полвонни таъқиб этиб бошлади. Қаерда тўй бўлса, пойлаб борди.

Аммо ёш полвон Бўри полвон номини эшитибоқ, рад қила берди.

Исмоил отли бу ёш полвон довруғи бутун воҳага ёйилди.

Кимсан — Бўри полвон елкасини ерга теккизган Исмоил полвон!

Исмоил полвон бу номни умрбод сақлаб қолмоқчи бўлди. Шу боис, Бўри полвон даврага келибди, деса бўлди, индамай кетиб қола берди.

6

Шўрчидада шундай бўлди.

Бўри полвон бошлиқ хўжасоатлик полвонлар Шермат мерган деганникига қўнди.

Тўйхонадан меҳмонлар улуши келди. Дастурхон тўкин бўлди.

Уй хўжаси ўзининг мерганлик саргузаштларидан гурунг берди. Шўрчилик полвонларга таъриф берди. Абил полвонни улуғлади.
— Насим полвоннинг бўйнига чипқон чиққан, бу даврада олишмаса кераг-ов, — деди.

Уй хўжаси бирдан сергак тортди.
— Айтгандай, — деди. — Насим полвон асли хўжасоатлик-а? Чақириб келайинми? Гурунглашиб ўтирамиз?

Бўри полвон безовта бўлди. Бир қимирлаб олди.
— Йўқ, мерган, овора бўлманг, ўтиринг, — деди.
— Ҳа, майли, ихтиёрларингиз. Лекин кўнгилларингизга олмангизлар-у... айта берсам майлими? Шу, Насим қурғур ҳеч кўнглимга ўтирмайди-да. Ўта шум! Кўзингизни лўқ қилиб, фириб беради! Билмайман, ўзидан бошқани нодон деб ўйлайдими. Шунинг учун у билан ош-қатиқ бўлгим келмайди. Ўзи, у кимлардан? Э, ҳа, бўлди-бўлди, гап тамом. Мерган жўра, дейишидан билиб эдим-а... Асли қонида бор экан-да...
— Ўзи яхши одам...— деди Бўри полвон.

Насим полвон бўйнига чипқон чиққани чин бўлди. Ушбу даврада олишмади.

Бўри полвонга шўрчилик Абил полвон чиқди.

Бўри полвон Абил полвонни яхши билади. Абилнинг чўнқайма усули бор.

Кейин... жини бор! Даврага кирса, тутиб қолади...

Шу боис, эл Абил полвонни Абил тентак, дейди.

Бўри полвон давра айланаётиб, Насим полвон Абил тентакни гиж-гижлаётганини эшитди.
— Дадил бора бер, юраги йўқ, — деди Насим полвон. — Қайси бир йили менга ўзи талаб қилиб, қўрққанидан қойил бўлиб эди...

Абил тентак гўё давра торлик қилаётгандай ҳурпайиб-ҳурпайиб юрди.

Бош баковул олдидаги сатилдан ҳовучлаб-ҳовучлаб сув олди. Билакларини сувлади. Оғзига сув тўлдирди. Юлдузларга қараб, ғарғара қилди.

Қўлларини ўйнатиб, жойида бир-икки ирғишлади. Бошини сарак-сарак қилиб айқирди:
— Буввв! Буввв! Ҳа, кишта! — деди.

Абил тентак Бўри полвон авзойида тариқдай бўлса-да, ҳайиқиш кўрса бўлди, дарҳол ҳамлага ўтади.

Аммо ҳайиқиш кўрмади.

Бўри полвон дағдағалардан ҳайиқиш тугул, мижжа қоқмади. Аксинча, ўйнаб кела берди.

Абил тентак лалми-лалми дағдағалари ўтмаганини билди. Диркиллаб-диркиллаб ўйнаб, яна давра айланди.

Абил тентакни энди кўраётганлар ҳайратдан кўзлари олайди. Биров бош чайқади. Биров лабини бурди.
— Ё пирим-э, уриб кетган тентак, — дея кулди.
— Жайрахонадан[7] қочган, — дея кулди.

Икки зўр тўқнашса, чақмоқ чиқади...

Бўри полвон ўнг қўли билан Абил тентак ёқасидан ушлади. Чап қўли билан эса билагидан сиқиб ушлади. Шиддат билан ичидан чил берди.

Абил тентак чўнқаймага олди: ғоят тезликда ўнг қўли билан Бўри полвон ёқасини ғижимлаб, ҳалқумига тиқиб борди. Чап қўли билан эса Бўри полвон яғрини усти желагидан буклаб ушлади. Ўзи орқага хиёл чалқайди. Бўри полвонни даст кўтарди-да, зарб билан орқага отиб юборди.
— А-а-а-а! — дея айқирди.

Бўри полвон ерга ёнбоши билан гурсиллаб тушди. Абил тентакда шундай йиқилди.
— Бекор, ёнбош йиқилди! — деди давра.
— Бир баҳя етмади!

Чўнқайма ғоят нозик санъат: борди-ю, полвон чўнқайма қилишни эплай олмаса, ўзи мағлуб бўлади.

Чўнқайма ғоят қалтис санъат: борди-ю, чўнқаймага олинмиш полвон чили чиқиб кетса, ерга... ҳароммағизи билан бориб тушади.

Чўнқайманинг қалтис тарафлари тағин кўп...

7

Хўш, Бўри полвон нега ҳароммағизи билан эмас, ён-боши билан тушди?

Боиси, чўнқаймага олмиш Абил тентак катта хатоликка йўл қўйди.

Абил тентак ерга оғаётиб-ерга оғаётиб, ўз гавдасини ўзи ўнглаб олиши, йўл-йўлакай Бўри полвон устига ўзини ташлаши лозим эди.

Абил тентак шошдими ё довдираб қолдими, ишқилиб, бунинг уддасидан чиқолмади...

Хатоси эвазига Бўри полвон остида қолайин-қолайин деди.

Буни ўзида билди шекилли, ердан тура-тура, шукрона-шукрона бош чайқади.

8

Давра полвонларга ҳайбаракаллачилик қилди:
— Чаққон-чаққон олишинглар!
— Ў, Бўри полвон, белбоғингни яхшилаб бойла, бўшаб кетяпти!
— Абил тентак, эҳтиёт бўл-ов!

Эндиги олишув аввалгисиданда шитобли бўлди.

Бўри полвон Абил тентакка имконияти борича холисроқдан чил берди. Қўлларини чўзиб ушлаб, Абил тентакни ўзидан холис тутди.

Абил тентак тағин чўнқаймага олиш учун чоғланди: гўё анойилик қилиб, чап оёғини Бўри полвонга яқин тутди. Ичидан чил беришга имкон яратди.

Бўри полвон Абил тентак макрига учмади. Қармоқдан ўзини олиб қочди.

Кураш ланж бўлди.

Полвонлар бир-бирини таъқиб этиб юра берди.

Полвонлар бирови бўшроқ бўлса-ку яхши, йиқилмаганига шукур қилиб юра беради. Борди-ю, икковида ғолибликка баб-баробар даъвогар бўлса-чи? Унда... асаблар олишади!

Бўри полвон-да, Абил тентакда асабийлаша бошлади. Асабий чил беришиб, бир-бирини мақсадсиз силкилай берди.

Хўп олишдилар!

Бўри полвон қўлларини ёнларига кенг ёйди: мен олишаётганим йўқ, ишорасини билдирди.

Бу ҳолатда полвонга ҳамла қилиш қатъиян ман этилади!

Абил тентак бўлса, Бўри полвонни икки оёғига қўшиб тепиб, ерга урди!

Абил тентак йиқитдим, дея ўйнаб-ўйнаб, баковул қошига бориб ўтирди.

Бўри полвон ўзидан беш-олти одим олисга бориб тушмиш дўпписини олди. Кафтларига тарс-тарс уриб қоқди. Асабий-асабий қоқди.

Хўжасоатликлар бақира кетди:
— Бўри полвон қўлини қўйиб юбориб эди, бекор!
— Абил тентакнинг эси жойидами ўзи?
— Баковулнинг олдига бориб ўтиришини қаранг!
— Юз бўлмагандан кейин шу-да! Шўрчиликларда хўжасоатликлардан қолишмади.

Насим полвон бошини чипқон чиққан ёғига қийшайтириб ўрнидан турди. Баковулга қўлини шоп қилиб шанғиллади:
— Қўлини қўйиб юбормасдан олдин йиқитди! Абил тентакка ҳақи берилсин! Уҳ-уҳ, вой бўйним-э...

Бўри полвон Насимга ўқрайиб-ўқрайиб ерга тупурди.

Баковул жанжални ҳал этиш учун ўнг кўлини кўтарди.
— Биродарлар, жим! — деди. — Яхшиси, ана, даврада бетараф меҳмонлар ўтирибди. Шулардан сўраймиз. Маъқулми? Сариосиёликлар, қани, сиз холисанлилло гапиринг!

Сариосиёликлар тўпидан овозлар келди:
— Ғирром-э, ғирром! Бўри полвон қўлини қўйиб юбориб эди!
— Абил тентак номардлик қилди!
— Яна-тағин Насим полвоннинг жириллаши кимнинг газагига дори денг!
— У-ку бир қасами, худодан нўхтасини юлган... Насим полвон музтар бўлиб қолди.

9

Бўри полвон даврани полвона-полвона айланди!

Бўри полвон қизиди! Тентакка ёмон-ёмон қаради!

Бўри полвон Абил тентак ёқасидан ушлаб, ўзига тортди. Оёғи учини тентак чап тўпиғига илдириб тортиб кўтарди.

Абил тентак оғирлигини оёғи кўтарилаётган тарафга ташлади. Кўтарилаётган оёғини бор кучи билан кетига тортди.

Айнан шуни ангғиб турмиш Бўри полвон тентак оёғини бирдан қўйиб юборди. Тентакнинг бирдан қўйиб юборилган оёғи кейинга силкинди.

Бўри полвон товони билан тентакнинг кейинга силкинмиш оёғи ичидан тепиб юборди.

Абил тентак бир айланиб тушди!

Бўри полвон Абил тентак кўксига тиззасини тиради.
— Йиқитиш мана бундай бўлади, полвон! - деди. Бу, полвон зоти учун энг оғир хўрлик бўлди!

10

Бўри полвон Исмоилни тинмай таъқиб эта берди.

Бўри полвон давраларга ўзига хос дабдаба билан борди.

Яна-тағин, элбурутдан борди.

Оқибат, Исмоил Бўри полвонни кўрди. Даврага чиқмади.

Бўри полвон ўйлаб қаради: бундайин дабдабали юришлари билан ўз ниятига етиши амримаҳол бўлди.

У энди муғамбирлик йўлига ўтди.

Термизда бўлмиш бир тўйга жуда кеч борди. Машина кабинасида даврага қараб ўтирди.

Давра охирида баковуллар бошқа катта полвон йўқ, дейишиб, кимсан, Бўри полвондай полвон елкасини ерга теккизган Исмоил полвонга жар солди.

Исмоил полвон даврани бир айланиб, ўзини кўрсатди. Худди шу вазиятни икки ойдан буён ангғиб юрмиш Бўри полвон кабинадан сакраб тушиб, даврага кирди.

Бўри полвон худди осмондан тушгандай фавқулодда пайдо бўлиши, барча-барчани ҳайрон қолдирди.

Ўзаро шивир-шивир бўлиб, давра гап нимада эканини билди.

Исмоил полвон аросатда қолди.

Чиқайин деса — Бўри полвон, чиқмайин деса — баковул жар солиб бўлди.

Исмоил полвон чиқишга мажбур бўлди.

Бўри полвон важоҳати барча-барчани сескантириб юборди.

Бўри полвон ғалабага ташна бўлди!

Ғалаба қозониш эса ҳамиша қийин! Айниқса бугун!

Негаки, Бўри полвон фақат зафар қозониш учун олишади!

Фақат, фақат ғалаба учун курашилса, ғалабага етиш жуда-жуда мушкул бўлади! Баъзан, етиб бўлмайди!

Йўқ, полвон зафарни эмас, зафар полвонни қидирсин! Зафар полвонни топсин!

Полвон хоҳиш-ирода билан олишса, ўзининг нималарга қодирлигини намойиш этса, санъатини намойиш этса, зафар ўз-ўзидан келади!

Полвон ўз курашидан ўзи завқланса, зафар ўз-ўзидан ёр бўлади!

11

Олис олишдилар.

Бўри полвон-да, Исмоил полвонда қўйиб юборди.

Бўри полвон дамини олиш учун даврадан чиқди.

Ҳамроҳлари уюшиб қолмиш билакларини уқалади.

Бўри полвон мағлуб бўлишини тасодиф деб юриб эди. Ўзини юқори олиб, Исмоил полвонни писанд қилмаганлигида, деб юриб эди.

Йўқ, Исмоил полвон ҳақиқатан ҳам зўр экан!

Бўри полвон ўзидан бўлак зўр бўлишини хаёлига-да келтирмади! Зўр фақат битта — у, мен, ўзимман, деб юрди!

Ўғил бола гап... ўзидан бўлак зўр чиқишини хоҳламади!

Йўқ, Бўри полвон хоҳлагандай бўлмади!

Вақт, вақт!

Шафқатсиз вақт ҳар даврнинг ўз зўрларини яратади! Инсон буни хоҳлайдими-йўқми, вақт учун барибир — ярата беради!

Ана, вақт ўзининг кенжа зўрини яратди! Ана, кенжа зўр, ана!

Кенжа зўр даврада ўз мавқеини талаб қиляпти, кенжа зўр даврада ўз шон-шуҳратини талаб қиляпти!

12

Бўри полвон ўпкасини босолмади. Оғзи каппа-каппа очилди. Ҳансираб-ҳансираб нафас олди.

Ўз аждодларидан мадад сўради. Отасининг пирига сиғинди...

"Отагинам, мен ҳамиша сизнинг насиҳатларингизга амал қилиб келдим. Сиз айтар эдингиз: полвон ўзини уч балодан асрасин, энг биринчиси — аёлбозлик, дердингиз.

Отагинам, ёшим ўттизга етибдики, оёғимни қийшиқ босмадим. Ҳаром-ҳариш йўлларга юрмадим. Ҳали уйланмадим ҳам!

Иккинчиси — ичкиликбозлик, дердингиз.

Отагинам, мен ҳалигача оғзимга ароқ олмадим, арокдан ҳазар қиламан!

Учинчиси — полвон ўзини нафс балосидан асрасин, дегувчи эдингиз.

Отагинам, мен, мол-дунё учун олишмадим. Мол-дунё ҳирсидан ўзимни ҳамиша сақлаб келдим.

Бўлмаса, нимага бундай бўляпти, отагинам? Гуноҳимни айтинг, гуноҳимни?

Мен Исмоил полвондан оримни олмоқчи эдим. Бўлмаяпти, отагинам, бўлмаяпти...

Ушлаган бармоқларим бўшашиб кетяпти. Оёғимда дармон йўқ. Ўпкам оғзимга тиқилиб қоляпти...

Бу қандай кўргилик бўлди, отагинам? Ё... қаридим-ми-а?..

Уҳ, қисмат, қисмат, зулминг қурсин, қисмат!..

Отагинам, мен энди давраларни мағлуб бўлиб тарк этаманми-а? Келиб-келиб, Исмоил деган бир япалоқ боладан-а?

Йўқ, отагинам, йўқ, мен давраларда ҳамиша зўр эдим — давраларни зўрларча тарк этаман!

Отагинам, охирги даврамда мени бир қўлланг! Сўнгги, сўнгги бор қўлланг, отагинам!.."

13

Бўри полвон даврага кирди.

Исмоил полвонда сакраб даврага тушди.

Исмоил полвон юриш-туриши, авзойидан осонликча жон берадиганга ўхшамади!

Бўри полвон Исмоилга егудай-егудай хўмрайиб қаради.

Исмоил полвон курашни иложи борича чўзиш пайида бўлди.

Шунда, Бўри полвон нафаси қайтади. Бўри полвон ҳолдан тояди. Ёш — ёшлигини, қари — қарилигини қилади...

Бўри полвон Исмоил полвон ниятини пайқаб қолди.

Ижирғаниб-ижирғаниб, бир-икки телба-тескари чиллар берди. Кам куч сарфлаб, кўп таҳдид қилиш йўлига ўтди.

Бўри полвон нимаики қилмоқчи бўлса, Исмоил полвон худди билиб тургандай, ниятларини чиппакка чиқара берди.

Бўри полвон ана шунда кўзга яқин, ягона зўрга жуда-жуда қийин эканлигини билди.

Боиси, ҳамма ҳавас билан қарайди. Зўрнинг санъатини, ўнги, чапини миридан-сиригача синчиклаб ўрганади. Зўрга тақлид қилиб, ўшандай зўр бўлгилари келади!

Зўр-чи? Зўр ўзгаларни билмайди. Айниқса, ўзидан кучсизларни билмайди!

Билгисида келмайди! Боиси, кўзга илмайди!

Зўрнинг тағин бир фожиаси — зўр мағлубият аламини кам тотади.

Зафар кетидан зафар... Зўр — зафар оғушида яшайди!

Йўқ, зўр мағлубиятлар аламинида тотиб туриши лозим!

Ана шунда ўзи ҳақида ўйлаб кўради! Ана шунда сергаклик билан яшайди!

Зўр учун мағлубият зафар қатори баб-баравар зарур!

Айниқса, ўзига ишонган зўрга! Мағрур зўрга! Бўри полвон ана шундай зўр бўлди!

14

Бўри полвон бундай олишуви фойдасизлигини билди. Шундай олиша берса, Исмоил полвон қўймиш қопқонга тушишини билди.

Бўри полвон олиш давомида Исмоил полвон чап тарафи билан деярли олиша олмаслигини сезиб қолди.

Шу боис, энди Исмоил полвон учун бегона бўлмиш кураш бошлади: Исмоил полвон чап тарафидан бориб олишди.

Чиндан-да, Исмоил полвон боши берк кўчага тушиб қолмиш одамдайин довдираб қолди. Нима қилишини билмайин эсанкираб қолди.

Шундай бўлса-да, Бўри полвон ўнгидан — яғринга олишидан эҳтиёт бўлди!

Бўри полвон билди: яғриндан умид йўқ.

У энди Исмоил полвон учун фавқулодда бир ҳунарини қўлламоқчи бўлди.

Ҳа, ҳар бир полвонда зўр ҳунаридан бўлак тағин бир яхши ҳунари бўлади. Полвон бу ҳунарини ўзининг зўр ҳунаричалик зўр бажара олмаса-да, ҳар ҳолда яхши билади.

Бўри полвоннинг бу ҳунари — бир оёғини тўғоноқ қилиб тўшаб, ғанимини орқага сермаб юбориш бўлди.

Бу, ғоятда қалтис ҳунар бўлди.

Боиси, бир оёғини ёнига тўшаганда бор оғирлиги ғанимига яқинроқ бўлмиш оёғига тушади. Ғаними айнан ана шу оёғига қоқиб юборса... Бўри полвон сўзсиз юлдуз санайди!

Майли! Ё, жон чиқсин, ё, ном чиқсин!

Бўри полвон давра айланди-айланди, ниятини қандай қилиб амалга ошириш йўлини ўйлади.

Ушлашиб, Исмоил полвоннинг гоҳ ўнг, гоҳ чап сонига ошириб-ошириб тепди. Исмоилни забт билан елкага олмоқчи бўлди.

Шунда, Бўри полвонни худо бир асради!

Исмоил полвон айни шу вазиятни ангғиб турмишдай, Бўри полвонни забт билан кетига қайириб отиб юборди.

Бўри полвон ерга кўкраклари билан бориб тушди.

Бўри полвон зўр, Исмоил полвон унданда зўр бўлди!

15

«Хўш, кучи-ку, камайиб қолибди, — умид билан ўйлади Бўри полвон. — Наҳотки, қуруқ кучига ишонаётган шу ёш боланинг бирор корини қилиб бўлмаса?»;

Хаёлига ўзига маъқул бир фикр келди...

Қўлларини сермаб, Исмоил полвонга қараб юрди.

Исмоил кетига тисланди. Ўзини гоҳ чапга олиб қочди, гоҳ ўнгга олиб қочди. Бўри полвон мўлжалига бормади.

«Фақат қўйиб юбор дегунча қиладигаи ишни қилиш керак, — ўйлади Бўри полвон, — бўлмаса ғирром бўлади»;.

Бўри полвон Исмоилга қаради.

Исмоил полвон елкасидан нафас ола-ола давра айланди. Демак, Исмоил полвонда чарчади!

Ана, Исмоил полвон машъала яқинига бориб қолди.

Бўри полвон бўлса, давра бу четида боряпти. У ўзича мўлжал қилди: «Ҳозир олишмоқчи бўлиб ўгирилади. Исмоилда олишмоқчи бўлиб ўгирилади. Исмоилда олишмоқчи бўлиб тайёрлана-тайёрлана олов олдига келиб қолади»;.

Бўри полвон ўртага қараб юрди.

Исмоил полвон бир-икки қадам ташлаб, олов олдида тўхтади. Ёнига ўгирилди. Ўртага — Бўри полвонга қараб юрди.

Исмоил полвон елкалари узра машъала ловуллаб-ловуллаб турди. Машъалага тескарилиги сабабли юзлари қорайиб-қорайиб турди.

Полвонлар бир-бирига қулоч отиб кела берди!

Бўри полвон Исмоил полвон ёқасидан ушлаб, ичидан чил берди. Жон-жаҳди билан кетига бурди. Шундай шиддат билан сурдики, Исмоил полвон ўзини ўнгга-да, чапгада ололмади. Тикка машъала устига селтанглаб-селтанглаб борди.
— Э-э-э, олов, оло-в! Олов бор! — деди овозлар. Исмоил полвон олов тафтини олди. Таққа тўхтади.

Кетига чалқайди. Оловга йиқилмаслик учун гавдасини олдинга ташлади.

Яъни... яъни, гавдасини Бўри полвонга бериб қўйди!

Бўри полвон ғоятда тезлик билан чилини чиқариб олди. Чап оёғини ёнига тўшади. Исмоил полвонни давра ўртасига сермаб юборди.
— Ё, отам!..— дея айқирди.

Исмоил Бўри полвон тўғоноқ оёғи устидан ошиб, давра ўртасига чалқанча тушди!

Исмоил полвон юлдуз санади!..

Ҳай-ҳай-ҳай! Ёшлик — ёшлигини, кўпни кўрганлик — кўпни кўрганлигини қилди! Тажриба! Тажриба зафар қозонди!

Бўри полвон қўлларини кўтариб, даврани айланиб чопди. Оёқларини осмон қилиб дорбоз бўлди. Дорбоз бўлиб-дорбоз бўлиб давра айланди.

Даврадан чопиб чиқиб, ҳамроҳларини битта-битталаб бағрига босди. Ҳамроҳларини қучоқлаб-қучоқлаб ўпди.
— Кўрдингми мени? Кўриб қўй!..— деди. Кулаётган ёноқларидан мунчоқ-мунчоқ ёшлар оқди.

16

Эртаси уйида ҳўкиз сўйди.

Гапга етар одамларни чақирди. Хеш-таборларни, ҳамсояларни чақирди.

Даврани тарк этажагини айтди. Уйланажагини айтди.
— Ҳали-ҳозир уйланмай туринг энди, Бўри полвон, — деди гапга етарлар. — Ҳар юртнинг ўз кўзга суртар полвони бўлади. Бизнинг кўзга суртар полвонимиз сизсиз...
— Йўқ, бўлди! — чўрт кесди Бўри полвон.

Гапга етарлар насиҳат қилди. Насиҳатлар зое кетди.

Бўри полвон ўз билганидан қолмади.

Бригадасида Сулув дегич қиз бўлди.

Бўри полвон ана шу қизни кўз остига олди.

Сулув Бўри полвон кўнглига ўтириб қолди.

Кўнглига ўтиргани — Сулув эркак зоти кўзига тик қарамади.

Сулув ўз оти ўзи билан сулув бўлди.

Сулув юзлар ақл ибоси билан шоиста бўлди.

Ўроқ ўришда, узум узишда Сулувдан ўтадигани бўлмади.

Бўри полвон Сулувни бегона қилмади.

17

Раиснинг суюғоёқлиги элга жория бўлди.

Колхоз мироби сув ёқалаб тоққа чиқиб кетди. Қулоқларда ҳафталаб оч-наҳор ётди. Қишлоқ сувсиз қолмасин, деди.

Бир тун яримдан оққанда мироб кўнглига ғулғула тушди. Кўнгли безовта бўлди, кўнгли ҳадик олди!

Отланиб, уйига йўл олди.

Келса, дарвоза ичидан қулф бўлди.

Мироб девордан ошиб ўтди.

Уй эшигини тортиб-тортиб овоз берди. Жавоб бўлмади. Аччиқ билан тортиб эди, эшик зулфини узилиб очилди.

Остонадан энди ҳатлаб эди, бўғзидан занжирдай бир нима қисиб олди.

Мироб жон талвасада қўлидаги қамчи дастаси билан солди. Даста бир нимага «тарс»; этиб тегди. Бўғзидаги занжир узилди.

Мироб қўрқув ҳам ваҳима билан шошиб бориб чироқни ёқди.

Остонада қип-яланғоч бир одам сулайиб ётди. Манглайидан қон оқиб-оқиб турди..

Бу одам... колхоз раиси бўлди!

Мироб кўрпа четини кўтариб қаради.

Кўрпа остида яланғоч аёли ғужанак бўлиб ётди!

Мироб аёлини тепиб-тепиб, чалажон қилиб ташлади.

Аёлини нақд уч талоқ қўйди!

Танача кўзини сузмаса, буқача ипини узмайди!

Кейин, раисни ташқари судради. Оёқ-қўлини танасига тортиб-тортиб бойлади.

Отда Бўри полвонни чақириб борди. Уйқудан уйғотиб, шундай-шундай, деди.
— Мен бир бригадир бўлсам, менга нима дейсан? — деди Бўри полвон.

Мироб жони ҳалқумига келди.
— Бўри полвон! — деди. — Энангни қози... додингни кимга айтасан, дейди! Юрт сўрайдиган раиси шул бўлгач, фуқаро додини кимга айтади?! Бригадирига айтади-да!

Бўри полвон кўтарилиб-кўтарилиб кетди: эл Бўри полвонни қора тортиб келди!

Бўри полвон ҳаволаниб-ҳаволаниб кетди: эл Бўри полвонни катта деб келди!

Бўри полвон ичкаридан давраларда кийиб олишмиш желагини кийиб келди.
— Ундайчикин наҳс раисни ерпарчин қиламан! — деди.

Даврага шайланмишдайин, билакларини турди. Чап-чаққон бўлди.
— Номаҳрам аёл қўйнига кирадиган ундайчикин наҳсни таппидай ерга ёпаман, таппидай!
— Оёқ-қўлини бойлаб келдим, — деди мироб. Бўри полвон ўйлаб қолди: унда бориб нима қилади?

Оёқ-қўли бойланмиш одамни ерга ёпадими?
— Унда мен бормайман, — деди Бўри полвон. — Наҳслар юзини кўрмайман! Касофати уради!
— Бўлмаса, раисни нима қилайин, чуқур ковлаб, кўмиб ташлай берайинми?
— Йўқ, ундай қилма. Бундай қил: наҳсни район олиб бор! Катталарга кўрсат! Бошқа наҳсларинида айтиб-айтиб ташла!

18

Мироб раисни шу алфозда отга ўнгариб, туман олиб жўнади.

Раис йўлда ўзига келди. Нима гаплигини пайқади. Ҳўнг-ҳўнг йиғлаб қўя берди.

Раис ялиниб-ёлворди. Дунё ваъда қилди.
— Эшигимда «Волга»; турибди. Бор-у, миниб кет...— деди.

Мироб раис вовайлосини эшитмайин дея, оғзига от яғирига қўядиган пахта тиқиб қўйди.

Тонг таги оқара бериб-оқара бериб, туман ижроқўми олдига етиб келди.

Раисни идора олди симёғочга танғиб боғлади.

Тонг ёришди.

Идорадан қоровул уйқусираб чиқиб келди. Эрталабдан пайдо бўлмиш отлиқ ким эканини билиш учун миробга гап қўшди:
— Қани, чавандоз, Будённийга ўхшаб отда қаққайиб турибсиз? — деди.

Мироб миқ этмади.

Қоровул раисни кўрди. Кўзларига ишонмади. Эсанкираб қолди. Раисни бўшатмоқчи бўлди.

Аммо мироб йўл бермади.

Бирин-кетин хизматчилар келди. Бир аёл раисга кўзи тушиб, чаппа бурилиб қочди. Бир аёл юзларини чангаллаб, ўтириб қолди.

Бир-икки одам раисни бўшатмоқчи бўлди.

Мироб қамчи кўтариб, дағдаға қилди.
— Қўлларингни тортинглар, бўлмаса уриб синдираман! — деди.
— Ҳеч бўлмаса иштон кийгизиб қўяйлик, инсонниям шунча хўрлайдими? — деди одамлар.
— У инсон эмас! Ол, қўлингни! — деди мироб. Ижроқўм раиси келди. Симёғочга боғлоқлик раисни кўрди. Бирдан тескари бурилди.

Мироб узангига оёқ тираб, от устида тикка турди. Қамчи учи билан раисни кўрсатди.
— Ай, ижроқўм! — деди. — Анави симёғочдаги жонивор, Холиқулни Термизга ўқишга юбориб, ўзи унинг аёли билан ўйнади! Худди шу жонивор, Ҳамидни қаёққадир иш билан юбориб, ўзи унинг аёли билан ўйнади! Колхозни наҳс босди, ижроқўм, элни наҳс босди! Катта бўлсанг, қара-да, уккағарнинг ижроқўми! Ана, тағин, ишонмайди деб, наҳс қандай бўлса, шундайлигича отга ўнгариб келдим!

Мироб отига қамчи босди. Раис урилиб кетди.

19

Идора олдида улкан мажлис бўлди. Мажлисда раис сайла-сайла бўлди. Тўртта эътиборли одам номзоди айтилди. Жумладан, Бўри полвон номида айтилди. Қўл кўтар-кўтар бўлди. Қўл санар-санар бўлди. Эл Бўри полвон учун қўл кўтарди. Бўри полвон колхоз раиси бўлди. Раис бўлиб иш буюриш осон, йўл-йўриқлар бериш осон, қоғозларга қўл қўйиш осон! Ижро! Ижро этиш қийин! Бўри полвон раис бўлиб, ана шундай хулосага келди!

20

Ўлим қош билан қобоқ орасида бўлади!

Бўри полвон фавқулодда онасини бериб қўйди.

Ай, мансаб ўлсин-а, мансаблари ўлибгина кетсин-а!

Ким вафот этди? Раисимиз волидаи муҳтарамалари вафот этди! Ким қазо қилди? Раисимиз оналари қазо қилди!

Шундай одам йиғилди, шундай одам йиғилди! Бўри полвон ҳовлиси юзида оёқ босар ер қолмади! Ҳовлига кириб бўлмай қолди! Бўри полвон кўчаси одамга лиқ тўлди! Кўчадан ўтиб бўлмай қолди!

Тобут кетидан тизилмиш машиналар бир учи Бўри полвон уйида бўлди, бир учи қабристонда бўлди!

Бўри полвон тонг саҳарлари онаси қабрига борди. Онаси олдида ўтириб-ўтириб келди.

Орадан бир ҳафтача ўтказиб борди.

Шунда, онаси қабри бошида... оппоқ мармар сағана кўрди!

Мармар сағанада онаси исми шарифи билан таваллуди битиклик бўлди. Онаси исми шарифи бармоқдай-бармоқдай қоп-қора чизиқ билан ўраб қўйилди.

Бўри полвон ҳайрондан-ҳайрон бўлди. Мармар сағана чапидан ўтиб қаради, ўнгидан ўтиб қаради. Кўзларига ишонмай, сағанани ушлаб-ушлаб кўрди, силаб-силаб кўрди.

Қишлоққа қайтиб келиб, оғайинларига назар солди. Оғайинлари юзида бирор ўзгариш кўрмади.

Бўри полвон икки ҳафтадан кейин тағин келди.

Бу сафар ҳаминқадар ҳайрон бўлди!

Онаси қабри тевараги... мармар тоштахта бўлди! Мармар тоштахта тўшалмиш жой бир уй ичича келди! Мармар тоштахта офтобда ялт-ялт этди!

Бўри полвон ялтироқ мармар тоштахта узра оёқ босишинида билмади, босмасинида билмади. Босайин деса, мармар тоштахтани кўзи қиймади. Босмайин деса, онаси қабри мармар тоштахта қоқ ўртасида бўлди.

Бўри полвон этикларини ерга тепиб-тепиб қоқди. Мармар тоштахта узра оёқ учида юрди. Омонат-омонат юрди. Тағин, кир қилиб қўймадимми, демишдай, изига қараб-қараб юрди.

Бир амаллаб, онаси қабрига етиб борди. Қабр бошида тиззалаб ўтириб, фотиҳа ўқиди. Оёқлари остида тўшалмиш мармар тоштахтани силади.

Онаси раҳматлик бир умр лой томда яшади. Бир умр тупроқ ерда яшади. Энди эса... бош-адоғи мармар бўлди!

Бўри полвон ўйлаб ўйига етолмади: бу ишни ким қилди? Онаси раҳматликнинг Бўри полвондан ўзга ўғлида бўлмади, қизида бўлмади.

Мармар сағанани бўлса, фақат фарзанд қўяди!

Чин, оғайин-жамоалари бор, хеш-ақраболари бор. Аммо хеш-ақраболари мармар сағана қўядими? Қўймайди, қўймайди!

Ахир, ўғил тирик турибди! Кимсан, Бўри полвон!

Бўри полвон теварак-бошга аланглади: бутун қабристонда битта ҳашамдор мозор бўлди. Уям бўлса, Бўри полвон онаси мозори бўлди. Шу боис, мозорлар ичра алоҳида ажралиб турди.

Бўри полвон хеш-ақраболари олдидан ўтди. Кўнгил яқинлари олдидан ўтди. Ким бўлса-да, ўзи айтади, дея ўйлади. Жуда бўлмаса, бирор-бир ишора билдиради, дея умидланди.

Аммо бировда садо бермади! Бировда юз ифодаси бермади!

Бўри полвон ўзи сўрайин, деди. Аммо сўрашга тили бормади, нима деб сўрайди?

«Бизнинг онамиз қабрига сиз мармар сағана қўйдингизми?»;— дейдими?

Идорага кўнгил яқин одамларини чақирди. Яқинларига бир-бир тикилди. Қандай қилиб сўрайди?

«Ким бизнинг онамиз қабрига мармар сағана қўйган бўлса, қўлини кўтарсин!»;— дейдими?

Бўри полвон дарди ичида бўлди. Бу борада миқ этолмади, оғиз очолмади.

Унча-мунча одам бундайчикин қимматбаҳо мармар сағана қўёлмайди. Мармар сағана қўёлса-да, бир уй ичича келмиш жойга мармар тоштахта тўшаш қўлидан келмайди.

Боиси, қишлоқда мармар зоти йўқ бўлди. Мармар тоштахта туман марказида бўлди. Катта-катта идоралар олдида бўлди.

Бу ишни ким қилса-да, ўзига тўқ одам қилибди! Қўли узун одам қилибди!

«Ким бўлди бу одам?»;

Бўри полвон қурилиш бригадирини чақирди. Билдирмай, омборда нима бор-йўқлигини сўради. Бригадир юз-кўзларига синчиклаб-синчиклаб қаради. Бригадир юзидан бирор нима билолмади.

«Ё тавба! — деди Бўри полвон. — Мармарлар осмондан тушдими, нима бало...»;

21

Бу вақт, қурбон ҳайит келиб қолди.

Бўри полвон ҳайит арафа кунлари онасини йўқлаб борди.

Бўри полвон олисдан қабр бошида бир қора соя юрмишини кўрди.

«Тоғаларим бўлса бордир, — дея ўйлади Бўри полвон. — Ҳайит арафада йўқлаб келибди-да»;.

Кора соя қабр бошида юрди-юрди, кейин ўтирди.

Бўри полвон қабристон оралаб юрди. Бошини хам қилиб юрди. Сағаналарда битилмиш битикларни ўқиб-ўқиб юрди. Кўнгил яқин қабрлар бошида оёқ илиб, фотиҳа ўқиб-ўқиб юрди.

Бўри полвон кўнгли увишиб-увишиб кетди: шу ётмиш бандалар яқин-яқинларда тирик эди, эсон-омон эди. Энди эса йўқ...

Бўри полвон қабрлар бошида фотиҳа ўқиб-ўқиб, онаси қабрига келиб қолди. Мармар тоштахта олдида ердан бош кўтарди.

Мармар тоштахта пойида иккита калиш жуфт бўлиб турди. Калиш эгаси Бўри полвон онаси қабри бошида бўлди. Калиш эгаси тиззалаб ўтирди. Бош эгиб ўтирди. Минғир-минғир дуо ўқиб ўтирди.

Бўри полвон калиш эгасини дарров таниди!

Шундай бўлса-да, калиш эгаси юзига бир чап тарафидан қаради, бир ўнг тарафидан қаради.

Бўри полвон ўз кўзларига ўзи ишонмади!

Калиш эгаси фотиҳа ўқиб бўлгунича сабр қилиб турди.

Ниҳоят, калиш эгаси дуосини ўқиб бўлди. Оҳиста жойидан қўзғолди. Кетига бурилди. Бўри полвонни кўриб, қўлларини кўксига қўйди. Бош ирғаб салом берди. Мармар тоштахта четида турмиш калишига қараб юрди. Калишини оёғига илиб, қишлоққа равона бўлди.

Бўри полвон калиш эгаси кетидан қараб турди-турди... бирдан ўзига келди. Калиш эгаси кетидан юрди. Етиб ололмай, лўкиллаб-лўкиллаб юрди. Калиш эгаси кетидан овоз берди:
— Ай... раис бова, тўхтанг-ай, бир гап бериб кетинг-ай! — деди.

Эски раис оёқ илди. Кетига бурилиб турди. Қўллари кўксида бўлди.

Бўри полвон эски раис кетидан етиб борди. Бош ирғашиб салом-алик қилди.
— Қани, бундайгина юрибсиз, раис бова? — деди Бўри полвон.

Эски раис бош ирғади.
— Азачилик, Бўри полвон, азачилик, — деди. — Шу, волидаи муҳтарамамизни йўқлаб келиб эдик...

Бўри полвон эски раисга тикилиб-тикилиб ўйлади.

Эски раиснинг кими қазо қилди, қачон қазо қилди, эслай олмади.

«Тавба, — деди Бўри полвон, — унда, эски раис кимни йўқлаб келди?»;

Шундай бўлса-да, Бўри полвон сир бермади.
— Бинойи-да, бинойи...— деди Бўри полвон. Эски раис боши билан қабристонга ишора қилди.
— Волидаи муҳтарамамиз кўзи очиқлигида қадрига етолмадик,— деди эски раис. — Энди, ҳурматини қилмасак бўлмас. Одамзот шу-да, Бўри полвон, одамзот шу-да. Одамзотнинг кўзи вақт ўтгандан кейин очилади...
— Ҳа-а-а...— деди Бўри полвон.
— Энди, ўтган ишга салавот, Бўри полвон, — деди эски раис. — Ҳеч бўлмагандан кейин кеч бўлсаям бўла беради. Ана...

Эски раис боши билан Бўри полвон онаси қабрига ишора қилди.
— Ана, — деди. — Волидаи муҳтарамамиз маконини серҳашамгина қилиб қўйдик. Ана энди, кимсан, колхоз раиси Бўри полвон волидаи меҳрибони қабри экани шундайгина билиниб турадиган бўлди...

Бўри полвон раис боши билан ишора қилмиш тарафга қаради. Анграйиб қолди.

«Ё тавба! — деди Бўри полвон. — Раис бизнинг онамизни айтаяптими дейман...»;

Бўри полвон анграймиш оғзини ёполмади.
— Ҳа-а-а...— деди.

Бўри полвон нима дейишни билмади. Бир онаси қабрига қаради, бир эски раисга қаради.

«Раис бова, у менинг онам-ку!»;— дейин-дейин, деди. Яна-тағин, сир бой бермади.
— Ҳа-а-а...— дея тура берди.

Эски раис бош ирғаб-бош ирғаб ичини тортди.
— Уф-ф-ф, дунё шу экан-да...— деди.

Шунда, Бўри полвон хаёлидан... онаси чиқди-кетди!

Бўри полвон эси-дарди эски раисда бўлди-қолди. Бўри полвон икки кўзи эски раисга тикилди-қолди!

Эски раис уст-боши жулдур-йиртиқ бўлди. Эски раис соч-соқоли пахмоқ-пахмоқ бўлди. Эски раис калишлари йиртиқ-тешик бўлди...

Бўри полвон эски раисга ичи ачиб-ачиб кетди!
— Ҳа-а... ҳозир нима иш қилаяпсиз, раис бова? — деди Бўри полвон.

Эски раис калиши йиртиғидан кўз узмади.
— Биз бечоралар нимаям иш қилардик, Бўри полвон,— деди. — Ётибмиз-да, дуои фотиҳа қилиб. Мана шундайчикин увол-савоб ишлар қилиб...
— Бирон жойда қимирлаб турсангиз бўларди. Бола-чақа дегандай...
— Чин, Бўри полвон, чин, ўзимизни ўйламасак ҳам, бола-бақрани ўйлаб, қимирлаб турсак бўларди. Лекин бизни ким ҳам ишга оларди, Бўри полвон...
— Ишлайман десангиз, иш кўп, раис бова, иш кўп. Эски раис калиши йиртиғидан кўз узмади.
— Қани эди, иш бўлса, ишлар эдик, — деди. — Шунча яхши ичида битта ёмон ишласа ишлабди-да!..

Ана шу ерда Бўри полвон жуда-жуда таъсирланиб кетди!
— Нима иш берайин, айтинг! — деб юборди.

Эски раис худди шу гапни ангғиб туриб эди! Бирдан бошини адл кўтарди!
— Бизга шу... ферма мудирликми, омбор мудирликми... бўлса бўлади, — дея минғирлади.
— Бўлди! — деди Бўри полвон. — Садқаи суханингиз!

22

Бўри полвон гапида турди.

Эски раис ферма мудир бўлди.

Эл-юрт эса, норози бўлди.

Ана шунда Бўри полвон эси жойига келди!

Бир оқшом кетмон кўтариб, қабристон йўл олди.

Мармар тоштахталарни қўпориб-кўпориб ташламоқчи бўлди. Мармар сағанани илиб-илиб отмоқчи бўлди.

Ё, алҳазар! Қабристонга қўл теккизиб бўладими? Қабрни бузиб бўладими?

Бўри полвон онаси қабрига тикилиб турди-турди... ниятидан қайтди.

«Бўлар иш бўлди, — деди. — Уккағар наҳс боплади. Боплаганда-да, улай-булай бопламади. Энди, бировга айтиб қўймаса бўлди»;...

23

Бўри полвон уйидан одам аримади. Ёш-қари фотиҳага келиб-кетиб турди. Олис-олислардан фотиҳага келди.

Бўри полвон идорада иши билан бўлди. Бир сафар уйидан чопар келди.
— Олисдан одам келди, борар эмишсиз, — деди. Бўри полвон уйига йўл олди.

Дарвозадан ҳатлаб, остонада серрайиб қолди.

Супада Насим полвон ўтирди!

Бўри полвон ичкари киришинида билмади, кирмасини-да, билмади. Бир кўнгли, изига қайтиб кетайин деди. Яна-тағин ниятидан қайтди.

Боиси, Насим полвон қабатида тағин иккита меҳмон бўлди.

«Бу қизбет онамиз қазосини қаердан билибди экан?»;— дея ўйлади Бўри полвон.

Бўри полвон иложсиз ичкарилади. Супага қараб юрди.

Меҳмонлар кўришиш учун жойларидан қўзғолди.

Ана шунда Бўри полвон ёмон вазиятда қолди! Кўришайин деса, Насим полвон бўлди! Кўришмайин деса, иккита меҳмон жойидан турди. Қўллари кўксида, мўлт-мўлт қараб турди!

Бўри полвон бир кўнгли, шу иккита меҳмон билан кўришиб қўя қолайин, деди.

Аммо бўлмади!

Насим полвон қучоғини катта очиб, Бўри полвонга қараб кела берди.

Бўри полвон юзини ерга олди. Ўзини кўрмасликка солди. Ер сингалаб-ер сингалаб, супа четига бориб ўтирди.
— Кўрганимиз кўришганимиз...— деди. Меҳмонлар жой-жойига қайтиб ўтирди. Бир меҳмон дуо ўқиб бошлади:
— Аузу биллаҳи минаш шайтонир-рожим. Бисмиллаҳир-роҳманир-роҳим...

Юзларга фотиҳа тортилди.

Бўри полвон меҳмонлар билан битта-битталаб ҳол-аҳвол сўрашди. Гал Насим полвонга келди.

Бўри полвон Насим полвондан ҳол сўрамади! Насим полвон бетига қайрилибда қарамади!

Бўри полвон юзини уй тарафга ўгирди.
— Ай, дастурхон олиб келинглар-ай! — деди. Бўри полвон гўё, дастурхон йўлини қараб турмишдай, Насим полвондан юзини тескари буриб ўтира берди.

Кенжаси дастурхон олиб келди.

Бўри полвон учун энди дастурхон баҳона бўлди. Дастурхонга тикилиб ўтирди.
— Қани, хуш кўрдик, — деди Бўри полвон. Меҳмонлар бири қўйиб бири таъзия билдирди:
— Бандалик, Бўри полвон, бандалик.
— Биз бехабар қолибмиз.
— Насим полвон айтиб қолди.
— Мен ҳам билмай қолибман. Газетадан кўзим тушиб қолди, — деди Насим полвон.

Бўри полвон бирдан сергак тортди. Дастурхондан бошини кўтарди. Меҳмонларга аланг-жаланг бўлиб қаради.
— Газетадан? — деди. — Қандай газетадан? Насим полвон қўйнидан рўзнома олиб узатди.
— Мана! — деди.

Бўри полвон рўзномага қўл узатмади! Индамай қараб тура берди!

Шунда, қабатида ўтирмиш меҳмон рўзномага узалди. Олиб, Бўри полвонга берди.

Бўри полвон рўзномага сер солди. Таъзия битилмиш жойни ҳадеганда топа бермади.

Шунда, қабатида ўтирмиш меҳмон бармоғи билан нуқиб-нуқиб кўрсатди.
— Ҳайла, ҳайла! — деди.

Бўри полвон бармоқ нуқилмиш жойни ўқиди: «...Ойхол Қурбон қизи...»;

Бўри полвон қўлидаги рўзнома дастурхонга тушди.

Бўри полвон тўртбурчак чизиққа тикилиб қолди. Чизиқлар қоп-қора бўлди. Чизиқлар ўқловдай-ўқловдай бўлди. Чизиқлар онаси раҳматлик исми шарифини ўраб-чирмаб турди!

Бўри полвон қоп-қора чизиқларга ўроғлик онаси исми шарифига қараб ўтирди-ўтирди... онаси сағанасидаги қоп-қора тўртбурчак эсига келди.

«Ё, бунида эски раис қилдимикин? - дея ўйлади Бўри полвон. — Ундан келади. Бўлмаса, газета қаердан билади»;.

Меҳмонлар, Бўри полвон кўнгли бузилди, дея ўйлади.

Меҳмонларда Бўри полвондай музтар бўлиб ўтирди.

Насим полвон қўйнидан қўлрўмолчасини олди. Пиқ-пиқ йиғлаб қўя берди.
— Бечора момо, ўзимнинг энамдай кўрар эдим...— дея йиғлади.

Бўри полвон ич-ичидан ижирғанди.

«Ифлос! — деди. — Сен нимага йиғлаяпсан? Ўлган бўлса, менинг онам ўлган, сенга нима!»;

Бўри полвон дастурхондан рўзномани олди. Қабатида ўтирмиш меҳмонга юз солди.
— Энамиз бандалик қилганини бу газета қаердан билибди? — деди.

Насим полвон юз-кўзларини арта-арта:
— Билади-да, газета билмаса ким билади, — деди. Бўри полвон қабатида ўтирмиш меҳмондан сўради:
— Ўзи... бу уккағар газета нимага бундай қилади? Тағин Насим полвон жавоб берди:
— Дўст-душман билсин деган-да...

Бўри полвон қабатидаги меҳмондан кўз олмади. Насим полвонга қайрилибда қарамади!

«Ўчир-е, қизбет! — деди ичида. — Сендан ким сўраяпти!»;

Бўри полвон қабатида ўтирмиш меҳмон тиззасига қўлини қўйди. Атайин шундай қилди! Насим полвон гапимга тумшуғини тиқмасин, деди!
— Ўзи... шу газета қаерда? — деди Бўри полвон. Аммо тағин Насим полвон жавоб берди.
— Қаерда бўларди, Деновда-да, — деди. «Ўчир-е, итдан бўлган...»;

Бўри полвон ичида шундай дея, тағин уйи тарафга юзини бурди.
— Ай, чой-пой олиб келинглар-ай! — дея овоз берди. Чой йўлини қараб турмишдай, Насим полвондан юз ўгириб ўтирди.

Меҳмонлар нималарнидир фаҳмлади. Кетамиз-кетамизга тушди.

Бўри полвон айнан шуни кутиб турмишдай, жойидан қўзғолди.
— Эса, хўш денгизлар! — деди. — Бизни иззат қилиб келибсизлар, сизларни худо иззат қилсин!

Меҳмонлар жойидан қўзғолди.

24

Бўри полвон рўзномани йиртиб-йиртиб отди. Шундада ҳовуридан тушмади. Рўзнома бўлакларини териб-териб, қўйнига солди. Денов йўл олди.

Умрида илк бор рўзномага иши тушиши бўлди. Шу боис, сўраб-сўраб топди.

Рўзномачилар жойларидан ирғиб турди. Келинг-келинг, қилди.

Бўри полвон қобоқ уюб ўтирди. Гапни нимадан бошлашни билмади.

Шунда, рўзномачилар ўзи гап очди.
— Чуқур таъзия билдирамиз...— дейишди. Бўри полвон мақсадга ўтди.
— Энамиз бандалик қилганини қаердан билдиларинг? — деди.

Рўзномачилар бир-бирларига қараб олди.
— Райком айтди, — дейишди.

Бўри полвон нима дейишини билмади. Хиёл ҳовуридан тушди.
— Райком айтса, айта беради-да... — деди.

Бўри полвон қўйнидан рўзнома бўлакларини олиб, столга қўйди.
— Райком айтди деб, бировнинг кора кунини дунёга дўмбира қилиб чала берар экан-да? — деди.

Рўзномачилар ҳайрон бўлди.
— Нима бўпти, раис бова? — дейишди.
— Ичларинг кир экан! — деди Бўри полвон. — Энамиз пошикастани худо яратиб эди, худонинг ўзи олди-кетди. Энди шуни бутун дунёга ёйиш керакмиди?
— Таъзия бу, раис бова, таъзия.
— Таъзия бўлса, уйга боради, газетага ёзадими? Ёзаман десаларинг, ана, хуш-хушвақт кунларимдан ёзинглар!
— Ҳаммагаям бундай таъзия бера бермаймиз, раис бова. Бу ҳурмат-да, ҳурмат.
— Хурмат деб, келиб-келиб қора кунимни ёзасизларми? Уят-е, уят!
— Раис бова...
— Қўйинглар-е, Бўри полвоннинг қора куни тўймидики, оламга айтувчилик қиласизлар? Айтиб қўяйин, қора кунларимни яна-тағин шундай дўмбира қилиб чалсаларинг, мендан ўпкалаб юрманглар!

Бўри полвон даст туриб кетди. Бир кўнгли, фирқа қўмитасигада борайин, деди. Фирқа ўз оти ўзи билан фирқа-да, юраги дов бермади.

«Газетачилар билан айтишдим, шу бўлади, — деди Бўри полвон.— Энди, райком айтса-да, газетачилар исми шарифимни қорага ўраб, дунёга дўмбира қилиб чалмайди. Райком айтса-да, газетачилар қора кунларимни ғанимларимга овоза қилмайди...»;

25

Сут билан кирган, жон билан чиқади!

Бўри полвон энди ўзи билан ўзи олиша бошлади. Давраларга қараб ўтириб, бирдан чиқиб олишгиси келди.

Айниқса, ланж полвонлар олишини кўрса, Бўри полвонга бир бўлак кун туғди. Ўтиролмай, ўрнидан туриб кетди. Қўлларини орқасига қилиб, давра сиртида асабий юрди.
— Қўғирчоқ! Полвон эмас булар, қўғирчоқ! — деди. Ўз қишлоғи полвонлари мағлуб бўлса, бутун вужудини қалтироқ тутди. Полвонлик қони қўзғади, даврага чорлади. Чиқ-чиқ, деди.

Начора, дард бору дармон йўқ...

Бўри полвонсиз давралар файзсиз бўлиб қолди. Бўри полвон ўрни жуда-жуда билинди.

Эл Бўри полвон курашини қўмсади.
— Кураш Бўри полвонга ҳалол эди-да, — деди.

Эл тағин ёруғ юлдузни — Бўри полвондай бир зўрни қаради!

Мардона ўйинларда ёруғ юлдуз бўлса! Ёруғ юлдуз давраларга ҳамиша кўрк беради, салобат беради! Теваракдаги рангсиз юлдузлар, митти юлдузлар хиралигини билдирмайди!

Бўри полвонда давраларга интиқ бўлиб қаради. Бўри полвон ўзини излади!

Йўқ, Бўри полвон йўқ!

Аксига олиб, аёли топганида қиз бўлди! Тўртинчи фарзанд кўрди — тағин қиз бўлди!

Бўри полвон пешонаси тиришиб-тиришиб тўнғиллади:
— Уёққа қарасангда қиз, буёққа қарасангда қиз... ҳаммаёқ қиз! - деди.

Бешик тебратаётган аёли мийиғида кулди. Илмоқли гап отди:
— Яхши ният қилинг...— деди.
— Яхши ният қилмай нима қиляпман?
— Қуруқ ниятнинг ўзи кифоя қилмайди...
— Бўлди-е, уккағарнинг аёли!..

Шундай қилиб, Бўри полвон аёли билан ҳар ўн саккиз кунда бир марта ётадиган бўлди...

Яратганнинг ўзидан давраларни гурсиллатиб-гурсиллатиб олишадиган ўғил тилади.

Ҳартугул, бешинчи фарзанди ўғил бўлди!

Тилаб-тилаб топганим дея, отини Тиловберди қўйди.

Бўри полвон энди орзу билан овунди: ўғли Тиловберди балоғатга етяпти — от ўрнини той босади...

Ёлғиз ўғил Тиловберди тез етилди. Уни куёв қиладиганлар кўпайди. Айримлар тилга бориб айтди.

Аммо Бўри полвон рози бўлмади. Кампири қистаса-да, кўнмади.
— Полвон ўзини уч балодан асрасагина полвон бўлади. Биринчиси — аёлдан ўзини тийиш! Шошмасин, ҳали ёш, - деди.

Бўри полвон ўғлини тарбия қила берди. Ўғлини наҳорда уйқудан уйғотди. Тухум юттирди...

XXI

Бўри полвон ўғлига қаради-қаради, ҳайрат ҳам қувонч билан кулимсиради.

Тавба, худди отасидай олишади-я! Айниқса, ўйнаб-ўйнаб олиши, ҳайқириб-ҳайқириб чил бериши, отасининг ўзгинаси бўлди!

Алп — отадан, зот — онадан-да!

Отамисан — ўғлинг бўлсин экан!

XXII

Давра айланаётган Тиловберди чўккалади. Ерни тавоф қилди: икки кафтини ерга суйкаб, юзларига тортди. Давра тўрида ўтирган чоллар рўпарасига тиз чўкди. Чоллар кафтларини баравар очди.
— Омин, белингга қувват, билагингга куч, юрагингга ўт берсин, оллоҳу акбар! — дея дуо килди.

Полвонлар давра айланди. Қўл бериб кўришди.

Тиловберди полвон давра четида бирдан бурилди. Желаклари этагини кетига сурди. Қўлларини туфлаб-туфлаб ҳўллади. Ўнг оёғини лапанглатиб-лапанглатиб олға ташлади. Қўлларини боши узра кўтарди. Бармоқларини ўйнатиб-ўйнатиб, Максим полвонга қараб борди.
— Ҳа, баракалла, ота ўғли! — деди давра. — Ўйна, отангга ўхшаб ўйна!

Бармоқлар мардона ўйнади, чаққон ўйнади. Давра жўшиб-жўшиб қийқирди:
— Ҳа-ҳа-а-а!
— Отасининг ули-да!

Бармоқ ўйини — полвонлар сантъати! Бу санъатни ҳеч ким полвончалик ижро этолмайди!
— Ҳа, дў-ў-ўст!

Тиловберди полвон Максимнинг ичидан чил бериб чапга, сўнг, ўнгга кўтарди. Шиддат билан кейинга сурди. Тағин бўлмади.

Максим полвон орқасига тенгсарилиб-тенгсарилиб, жойида туриб қолди.

Полвонлар қўйиб юборишиб, яна давра айланди.

XXIII

Давра бир зум жимжит бўлиб, тағин жонландн. Давра полвонлар курашини гапиришиб ўтирди:
— Шу, Максим полвон жуда совуқ олишар экан, нима дедингиз?
— Спортчи-да, секцияда тарбия топган. Улар китобда нима ёзилган бўлса шуни қилади.
— Телевизорда Монреаль олимпиадасиии кўрдиларингизми? Классик курашни олиб кўрсатди. Бир совуғ-э, шуям олиш бўлди-ю.
— Ҳм, жуда ланж олиш. Классик курашда оёқ билан чил бериш деган гап йўқ.
— Яна-тағин жаҳон спорти эмиш денг.
— У французларники-а?
— Шу, французларгаям қойилман, ўзининг олишини бутун жаҳонга ёйган.
— Мўмин муаллим, мана, сиз ўқимишли одамсиз, уйингизда китобингиз кўп, деб эшитаман. Сиз айтинг, нега энди бир ланж классик кураш бутун жаҳон спорти бўлади-ю, ўзимизнинг олишни фақат тўйда ё «Ҳосил байрами»;да кўрамиз? Ё, олишимиз спорт эмасми?
— Спорт ҳам гапми, санъат! Кўряпсизми, Тиловбердининг ўйнаб олишувини. Буни ҳеч қайси тренер, секция ҳам ўргатолмайди.
— Бали! Узоқларга қараб яшаймизу, оёғимиз остидаги гавҳарни кўрмаймиз.
— Отангизга раҳмат! Яқинда Москвада ўқиётган Жаббор бир олим ошнасини олиб келди. Олишни томоша қилдирди. Ошнаси ҳайрон бўлиб, нима деди денг, булар жисмоний тарбия мактабини битирганми, деди.
— Э, ҳа-ҳа-ҳа! Жаббор нима деди?
— Йўқ, биз ўзи шундай халқ, деди.
— Мен яқинда самбо олиши ҳақидаги китобни кўрдим. Ҳамма чилларнинг расми бор. Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, оёқдан олишдан бошқа ҳаммаси ўзимизнинг олишда бор экан-э.
— Менгбой калнинг гапида жон бор. Китоблик Сайфиддин Ҳодиев бор-ку, яқинда ўша билан ўтириб қолдим. Тренерлар мени жаҳон чемпиони қилиб етиштирдим, деб суюнади, билмайдиларки, мен болалигимдан тўйларда олишиб юрган тайёр полвон эдим, дейди.
— Айтгандай, шу бола икки марта жаҳон чемпиони бўлди-я.
— Ҳа-да, Мўғулистонда қандай қилиб жаҳон чемпиони бўлганини гапириб берди. Олиш вақти тугашига бир неча секунд қолганда ёнбошга олиб уриб очко олдим, дейди. Бундай ҳунар бошқа бирор олишда йўқ, фақат бизнинг олишимизда бор, дейди.
— Ота-бовамизнинг ҳунарини маҳкам ушласак, жаҳоннинг энг зўр полвони биз бўламизку-я, нима дедингиз, шўро бова?
— Кўп ношукурлик қила берманглар, ҳалиям зўрмиз. Ана, жаҳон чемпионлари Сайфиддин, Собир Қурбонов...
— Э-э, бўтам, улар ўзимизнинг олишдан чиққани билан самбо бўйича чемпион бўлган-да.
— Сизга қандайи керак?
— Шу, ўзимизнинг олиш бўйича жаҳон чемпиони бўлса экан.
— Гапингизга тушунмадим, Нурмат тоғчи.
— Нима бало, калланг шамолда қолганми дейман. Масалан, дунёдаги кўпгина халқлар ўзларининг ҳеч бўлмаганда, битта спортини жаҳон миқёсига кўтарган. Биздан эса жаҳонга кўтарилган биттаям спорт тури йўқ....
— Бу ўзимизга боғлиқ...

XXIV

Тиловберди полвон бу сафар шиддат билан бориб туя чилга олди: Максим полвонни ёқасидан қўшқўллаб ушлади, ўнг оёғини орқасидан илдириб ўради, зарб билан кетига сурди.
— Ё-ё-ё! — дея айқирди.
— Су-у-ур! — дея жўр бўлди давра.

Максим полвон заранг таёқдай экан — қайрилмади!

Аксинча, Тиловбердининг ўзини кетига товлаб юборди.

Тиловберди ўмгани билан бориб ерга тушди. Қўлларини кенг ёйди. Мен қўйиб юбордим, сиз ҳам қўйиб юборинг, деган ишорани билдирди.

Аммо Максим полвон қўйиб юбормади. Тиловбердини қайириб, чалқанча босмоқчи бўлди. Худди самбо олишидагидай судради, ерга пийпалади.
— Ҳай-ҳай, судрама! — деди давра.
— Бу қанақа полвон ўзи!
— Калласи борми бунинг, ётган одамниям судрайдими!

Бўри полвон, Тиловберди жойидан туриб, Максим полвон билан ёқалашиб кетади, деб ўйлади.

Йўқ, ўғли вазмин йигит бўлибди. Жойидан тура-тура, Максим полвонга ўқрайиб-ўқрайиб қаради. Шу билан бўлди қилди.

Бўри полвон даврага юзланди.
— Халойиқ, кўрдиларингиз, шўрчиликлар олишимизга бирмунча шак келтирди! — деди. — Биласиз, уккағар ўша самбодаям, эркин курашдаям, классик кураш, дзюдо деганидаям, барча-барчасида полвон дустаман8, ё ёнбош йиқилса, ё тиззалаб ўтириб қолса, иккинчиси ҳалол йиқитаман деб, бечора полвонни судраб, ерга пийпалайди. Ё бўлмаса, бирор жойини қайиради. Ерда юмалаб ётган одамни судрайди-я! Ё пирим-э, ё пирим-э... Бу эркакнинг иши эмас! Эркакмисан — оёғида тик турган эркак билан олиш!

Тиловберди полвон шиддат билан олишуви, иложи бўлса Максим полвонга ўзини ушлатмаслиги лозим. Ушлатса, Максим полвон, албатта, бирор ҳимоя йўлини қўллайди. Тиловбердини қимирлатмай қўяди.

Боиси, самбода ҳимоя ўргатилади!

Бизнинг олишимизда эса ҳимоя ҳақида гап бўлишида лозим эмас! Фақат ҳамла, ҳамла!

Шундай экан, Тиловберди полвон шундай тезлик билан олишуви керакки, Максим полвон ўйлашгада улгуролмай қолсин!

Бу фикр кўпчиликнинг, жумладан, Бўри полвоннингда хаёлига келди. Ўғлига айтмоқчи бўлди. Яна-тағин фикридан қайтди.

«Шашти баланд, шундай олишса кераг-ов, — деди ўзича. — Менинг ўғлим бўлса, шундай олишади»;.

Бўри полвон Максимга ўгирилди.
— Ҳа, айтгандай, полвон, — деди, — мавриди келганда айтиб қўяй, зинҳор-базинҳор тиззадан пастдан ушлама! Буям бизнинг рисоламизга тўғри келмайди!

Тиловберди полвон шитоб билан ўйнаб борди. Ўнг қўлини Максимнинг иштонбоғидан ўтказиб ушлади. Чап қўли билан ўнг тирсагидан ўраб ушлади-да, уччога олди.
— Ё-ё-ё!..

Диққат, Максим полвон Тиловбердининг уччосидан ошяпти! Қаранг-қаранг, Максимнинг боши ерга эгилди. Оёқлари Тиловбердининг боши узра кўтарилди. Қоқ яғрини билан ерга учиб келди!

Айқириқда ниҳоясига етди:
— ...Отамнинг пири! Гурс!

СССР спорт устаси Максим полвон юлдуз санади!
— Ҳало-о-ол!
— Э, яша, отасининг ули!

Тиловберди Максим полвонни жойидан турғазиб қўйди. Елкасига ёпишган сомонларни қоқди. Қўл бериб хайрлашди.

__________________________

8. Юзтубан.

XXV

Тиловберди уччога олаётганда Максим полвон нима қилди?

У самбо олишидаги вазиятни қўллади: гавдасини хиёл олға эгди. Ўнг оёғини бир қадам олдинга босди. Тиззасини букди, қулочини олдинга ёйди.

Эътибор беринг, биринчидан — ўнг оёғини, иккинчидан — гавдасини, учинчидан — гўё марҳамат қилаётгандай, ўнг қўлини бериб қўйди!

Яна-тағин қимирламай, ҳамлани кутди!

Тиловбердидай абжир полвон учун бу юз фоизлик имконият деган сўз бўлди!

Баковул Тиловберди полвон елкасига тўн ёпди.
— Серкани тўйхонадан оласиз, — деди.

Боиси, давра учун олиб келинган моллар совуққа чидаёлмай қочиб кета берди. Хизматчилар жонига тегди. Оқибат, яна тўйхонага олиб бориб қамаб қўйди.

XXVII

Бўри полвон давра айланди.

Ёнига бир полвон гурсиллаб тушди: Темир полвон Берди полвонни ит чилга олиб йиқитди.

Берди полвон орига ўрта ёшлардаги бир полвон чиқди.

Темир полвон талабгор юз-кўзига қаради. Кейин ўзига-ўзи фотиҳа ўқиди. Гап йўқ, сўз йўқ, даврадан чиқди-кетди.

Давра ҳайрон бўлди.

Бўри полвон бориб, гапиришиб келди.

Юзларида табассум ўйнади. Овози тўла фахр бўлди, овози тўла ғурур бўлди:
— Халойиқ! — деди. — Мен Темир полвон билан гапиришдим, ҳа! Уккағар, қойилман деяпти! Нимага дейсизми? Манави талабгор Чори полвон ўз вақтида Темир полвонга бош-қош бўп, тўйларга олиб борган, ўзининг ҳунарларидан унгада ўргатган экан! Шунга, Темир полвон айтяптики, у киши менга устоз бўладилар, мен устозимнинг ёқасидан ушламайман, деяпти! Сиз нима дейсиз, халойиқ!
— Отасига раҳмат ўша полвоннинг!
— Асл полвон экан!
— Шундай фарзандларнинг умри узоқ бўлсин!
— Туф-туф-туф, кўз тегмасин-э, асл ўзимизга тортибди!

Бўри полвон кўзлари олма терди. Охирги гапни айтмиш одамни излади. Аммо тополмади.

«Бали! Бизнинг аслимиз ана шундай эди! — Бўри полвон хаёлан шу гапни айтмиш одам билан гапиришди. — Инчунун, ўз аслига тортмаган, ўз аслини унутган одам — одам ҳам эмас!»;

XXVIII

Полвонлар ўзларини орқага ташлади. Давра совиб қолди. Бўри полвон жар солди:
— Халойиқ, узоқ-яқиндан келган меҳмонлар! Зулфиқор полвоннинг бу даврага атаганлари кўп, ҳа! Мен сизга айтсам, тўйга элликдан кўп тўёна мол тушган! Зулфиқор полвон шунинг ярмини полвонларга ажратган! Оғилда чори қўй, панжи қўй, манғи қўйлар қуйруғини кўтаролмай ётибди! Тортинмай даврага чиқиб, элга томоша кўрсатинг!

Сукунат бўлди.

Бўри полвон билди: полвонлар ҳал этувчи вазиятни — тобоқ қўйилишини кутяпти.
— Полвонлар, биламан, баринг тобоқ ташлашимни ангғияпсан! - деди. — Уккағар писмиқлар-э! Олдиндан айтиб қўяйин, тобоқни оз ташлайман! Кўп бўлса, иккита! Даврага чиқиб олиш, бўлмаса, армонда қоласан!

Бўри полвон, боя шўрчиликлар тор вазиятда қолганини билмади.

Шўрчиликларда ҳали олишмаган ё битта, ё иккита зўр полвон қолди. Борди-ю, уларда Тиловбердидан йиқилса, унда, давра охирида олишадиган бошқа полвонлари қолмайди.

Шу боис, шўрчиликлар оқсоқоли тобоқ ташлашгача вақтни чўзиш учун муғамбирлик қилди.

Тобоқ нима? Бир вақтлар қовурдоқ гўштлик тобоқлар давра ўртасига қаторлаштириб қўйилди. Ҳар бир тобоқ бир совринни билдирди.

Ҳозир бир оз ўзгача...

Шу вақт, чироқ икки марта ўчиб ёнди.

Одатда чироқчи тўйдан бирон нима умидвор бўлса, ана шундай ҳазиллашади!

Бўри полвон тўйхонадагиларга қичқирди:
— Ай, ким бор! Анави Николай чироқчининг қорни очқабди шекилли! Бир тобоқ паловга нон бостириб уккағарнинг улушини элтиб беринглар! Ай, Жўрақулнинг ули, кўп мудрамай, олишга яхшилаб қараб ўтир! Бўлмаса полвон бўлолмайсан!

Бўри полвон бош баковул билан кенгашиб, тобоқ қўйди. Давра ўртасига иккита матони бўлак-бўлак узатиб ташлади. Ҳар бировига алоҳида-алоҳида таъриф берди:
— Халойиқ, эътиборингизни менга қаратинг! Мана, ҳўкиз тобоқ! Буни ким кўтарса, унга бир ҳўкиз, бир жуфт... Раис бова, калиш нечиламчи эди? Ҳа-е, хў-ўш, бир жуфт иккиламчи калиш, бир тўн, ўн сўм пул қўйилди! Ҳўкиз бўлгандаям сўйса бир қишлоқни тўйдирадиган ҳўкиз! Манави гилам тобоқ! Бунга бир туркманча гилам, бир уйқудан уйғотадиган соат, ўн сўм пул қўйилди! Шундай гиламки, уйни тўлдиради, чироқда ялт-юлт қилади! «Сифат белгиси»; олган, ҳа! Шундайми, раис бова? Бали! Кимнинг кўнгли қайси тобоққа чопса, келиб кўтара берсин! Армонда қолманг, тобоқларга қўйилган зотларни қайтараман...

Давра бирдан жонланди. Полвонлар шивирлашди. Ўзаро маслаҳатлашди.

Бир полвон даврага бошини камтарона эгиб келиб, ҳўкиз тобоқни кўтарди.

Бўри полвон тобоқ кўтармиш полвонни барчага танитди:
— Кўряпсизми, халойиқ, полвонларнинг юрагига ғулғула тушди! Ҳўкиз тобоқни шўрчилик Абрай полвон кўтарди!

Даврада гилам тобоқ қолди.

Бўри полвон хўжасоатлик полвонларга қаради.

Хўжасоатлик полвонлар 6у қараш маъносини тушунди. Ғимирлаб қолди.

Шунда, Тиловберди полвон келиб, гилам тобоқни кўтарди.
— Кўрдингизми, халойиқ, — деди Бўри полвон, — гилам тобоқни Тиловберди полвон кўтарди! Қани, тобоқни кўтарган полвонларга талабгор бўлса, даврани бир айлансин, кўрайлик! — деди.

Абрай полвонга хўжасоатлик Жонибек полвон чиқди. Талабгор давра айланиб, ўзини кўрсатиб кетди.

Термизликлар бир зўр полвонларини асраб ўтириб эди, шуни Тиловбердига чиқарди.

Изидан шўрчилик Шоди полвон даврага чиқди. Буям Тиловбердига талаб қилди.

Бўри полвон ҳайрон бўлди: бирданига иккита талабгор...

Худди шу ерда келишмовчилик юз берди.

Термизликлар:
— Тиловберди полвон билан бизнинг полвон олишади, у қурга биринчи бўлиб талаб қилиб чиқди! — деб туриб олди.

Шўрчиликлар:
— Йўқ, бизнинг полвон олишади! - деди.

Масала ҳал бўла бермади.

Шунда, шўрчиликлар оқсоқоли ўрнидан турди, сўзни қалин-қалин қилиб айтди:
— Биродарлар, биз бош тобоқни қизғанаётганимиз йўқ. Аввало, гапни эшитинг. Хўжасоатликлар ўтган ҳафта Шўрчидаги даврада бизнинг яғринимизни ерга теккизиб келди! Ўз уйимизда яғринимиз ерга теккани полвонларимизга к-ў-ў-ў-п алам қилди! Шу боис, биз белимизни беш жойидан бойлаб келдик!

Даврада ғовур-ғувур бўлди:
— Во уккағар шўрчиликлар-э, қоқ миядан олди-ку!
— Булар бўш келмайди!

XXIX

Шундай қилиб, Тиловберди полвон билан шўрчилик Шоди полвон олишадиган бўлди.

«Менга дарёнинг нарёғиям бир, берёғиям бир. Бари-бир ўғлимдан зўри йўқ, — деди ўзича Бўри полвон. — Лекин Шўрчида Абрай деган бундай катта полвон йўқ эди-ку? Бу ким бўлди экан? Ё, шўрчиликлар аламларини олиш учун бошқа ёқдан полвон ёллаб келдилармикин? Бундай воқеалар кўп бўлади...»;

Бўри полвон шўрчиликлар тўпи рўпарасига ўтирди. Паст овозда сўради:
— Иним, бу, Абрай полвонларингни эшитмаган эканман, у кимлардан?
— Абрайми? Насим полвоннинг ули бўлади. Яқинда армиядан келди.

Бўри полвон бирдан сергак тортди. Жавоб бермиш одамга тикилди-тикилди, оҳиста жойидан турди.

Ажабтовур ҳислар оғушида қолди. Хивич ушлаган бармоқлари қалтиради. Хивич сиқувида қаҳр бўлди, нимадир қилишга чоғланиш бўлди. Титроқ чап қўли, лабларига ўтди.

Даврадан қандай чиқди, билмади. Амир полвон елкасига қўлини қўйди. Оғир энтикди. Нимадир демоқчи бўлди. Деёлмади, томоғи қуриб қолди.

Амир полвон Бўри полвон ҳолини билди. Дарров қўлтиқлари остидан олди.
— Полвон бова, нима бўлди? Тиловберди, сув опке! — деди.

Бўри полвон совиган чой ичди. Энтикди. Лабларини ялади. Жилмайди.
— Қаридик, укам, қаридик. Юрак ярамай қоляпти! — деди. — Амир, сен берман ке.

Бўри полвон Амирни қоронғига эргаштириб кетди.
— Амир, менга қара, шу Абрай деганига бизнинг Тиловбердини чиқар, хўпми?
— Э, полвон бова, давра билиб қолди-да?
— Йўқ, сен гапга кир.
— Қийин дейман-ов, шўрчиликлар кўнмас-ов?
— Кўнади, уларга барибир...

Бўри полвон давра сиртида туриб қолди. Ўзини ўнглаб олди.

Тағин даврага кирди. Синиқ овозда жар солди.
— Халойиқ, эшитмадим деманглар! Ҳўкиз тобоқни кўтарган Абрай полвонга Тиловберди полвон чиқадиган бўпти! Гилам тобоқни эса Жонибек кўтарадиган бўпти. А? Энди, уёғини билмадим, халойиқ! Ўзлари шундай фикрга келибди, бир билганлари бордир-да!

Дарҳақиқат, шўрчиликлар учун барибир бўлди. Боиси, Тиловберди-да, Жонибекда давра эгалари бўлди.

Даврага биринчи бўлиб Шоди полвон билан Жонибек полвон чиқди.

Жонибек полвон Шоди полвонни биринчи қўлдаёқ чап оёғига сиртидан илдириб кўтариб, тўлғаб урди.

Гилам Жонибек полвонда кетди.

XXX

— Қани, энди даврага ҳўкиз тобоқни кўтарган полвонлар чиқсин!

Бўри полвон шундай дея, давра айланди. Кўз остидан Насим полвонга тикилди.

«Насим ошна, ўғлингга бир оғизгина чиқма, у Бўри бобонгни ўғли экан, демадинг-а, — дея, ич-ичидан ўпкаланди. — Демайсан, деёлмайсан. Чунки сен ўша Насимсан... Сендан бундай гап чиқмайди. Мана ҳозир биласан, сенинг фарзандинг киму менинг фарзандим ким...»;

Насим полвон тўғрисида оёқ илди. Соқолини силади. Томоғини қирди.

«Мени бир умр мағлуб этдим, қойил қилдим деб юриб эдингми? Ошна, адашасан»;.

Бўри полвон Насим юзларида бирон-бир ўзгариш кўрмади. Бундан ҳаминқадар ғаши келди.

«Кўп қайқайма, сенинг бу ўтиришинг зўрма-зўракилик, илжайишинг чидаёлмаслик. Биламан, ич-ичингдан зил кетяпти. Ҳозир кўрасан, менинг ким эканимни. Олдингдан салом бериб ўтаман...»;

XXXI

Бўри полвон хаёл билан андармон бўлиб қолди. Бундай қаради, даврада ҳалиям полвонлар бўлмади.
— Ай полвонлар, чиқингларда энди, давра маҳтал бўп қолди! — деди.

Насим полвон тарафдан Абрай, рўпарў тарафдан Тиловберди полвон даврага тушди.

Тиловберди полвон қўлини кўксига қўйди. Абрай полвонни олдинга таклиф этди.
— Қани, полвон, тортинг! — деди.

Абрай полвон Тиловберди полвонга йўл берди.
— Йўғ-э, йўл боши сиздан, полвон! — деди. Тиловберди полвон олдинда юрди. Абрай кетидан эргашди.

Бўри полвон шуни, айнан шуни кутди. Юзларида табассум ўйнади. Олисроқда бўлса-да, Насим полвонга тағин қаради.

«Кўрдингми, Насим ошна? Ўғлинг менинг ўғлимдан олдинда юришга юраги дов бермади. Менинг ўғлим ҳамиша биринчи...»;

Бўри полвон ўғилларни бир-бирига қиёслади. Айниқса, Абрай полвоннинг син-симбатига синчиклаб-синчиклаб тикилди.

«Момоқизнинг ўғли хушсуврат йигит бўпти. Аммо Момоқизга ўхшамайди. Отасига тортибди. Насимнинг ўзиям ҳусндор эди-да. Фақат бурнининг пучуқлиги Момоқизга келбат беради...»;

Бўри полвон соқоли учини буклаб тишлади. Сезилар-сезилмас бош ирғади.

«Борди-ю, Момоқизга етганимда, шу Абрай полвон менинг ўғлим бўларди...»;

Абрай полвонга суқим кирмасин дея, назарини қувди, ён-верига туфлади:
— Туф-туф-туф!..

XXXII

Полвонлар қўл бериб кўришди.

Тиловберди полвон желаклари ўнгирини кетига сурди. Енгларини хиёл тортди. Бармоқларини тили билан ҳўллади. Ўйнаб-ўйнаб, Абрай полвонга қараб бора берди.

Абрай полвон кўзлари қаршисида мардона ўйнаётган бармоқлар орасида ҳеч нимани кўролмади. Кўзлари пир-пиради. Кейинига тисарилди.

Тиловберди полвон Абрай полвон кўзларига тикилди: Абрай полвон кўзлари ҳайиқди! Ана энди ҳамлага ўтса бўлади!

Тиловберди полвон ўнг қўли билан Абрайнинг ёқасидан ушлади. Ичидан чил берди. Шиддат билан кетига сурди.

Абрай полвон кетига селтанглаб-селтанглаб борди. Кимнингдир фонусига қоқилиб кетди. Одамлар устига чалқанча тушди.

Тиловберди полвон йиқитдим дея, қўлларини кўтарди.

Насим полвон қабатидагилардан ташвишли овозда сўради:
— Нима бўлди-а, нима бўлди?

Насим полвоннинг овози жуда хаста бўлди, фақат кўзи ожизларга хос овоз бўлди.

Хўжасоатликлар Тиловберди полвонни олқишлаб қичқирди:
— Ҳал-о-о-ол!
— Тиловберди полвоннинг ҳақи берилсин!
— Хайрият, одамлар устига тушди, агар шу зарб билан ерга тушганда ичаги узиларди!

Тиловберди полвон баковул қошига чўккалади.

Бўри полвон юзларида кувонч ифодаси кўринмади. Вағир-вуғур қилаётган ҳамқишлоқларига амирона қўл силтади.
— Халойиқ, жим! — деди. — Кўп жавраманг, жим бўлинг! Халойиқ, даврадаги Бўри полвон сўзим: Тиловберди полвон Абрай полвонни йиқитолмади!

Қони тез хўжасоатликлар бидиллаб кетди:
— Э, кўйинг-э, полвон бова, чалқайрамон ташлади-ю!
— Бундан зиёд қандай йиқитиб бўлади!
— Ё ерга киргизиб юборсинми!
— Халойиқ, сўзлаб бўлдингизми? — деди Бўри полвон. — Ай, Менгтўра халфа, гапни бўлмай туринг, барака топинг! Қайтариб айтаман. Тиловберди полвоннинг йиқитгани бекор!
— Нимага бекор бўлар экан?
— Чунки у, одамлар устига йиқитди! — деди Бўри полвон.
— Сизга барибир эмасми, қаерга йиқитгани!
— Йўқ! Полвон полвонни осмоннинг кўкига отсаям бекор! Полвонмисан — ернинг устига йиқит! Қани, бошқатдан олишинглар!
— Тавба, тағин ота эмиш бу одам!

Тиловберди полвон отасига ўқрайди. Қобоғини уйди. Тағин давра айланди.

Бўри полвон билди, ўғли ундан норози бўлди.

«Уҳ, қанийди ўғли ҳозир йиқитган бўлса! Ўғли буни билмайди-да! Билмагани яхши...»;

XXXIII

Бўри полвон ўғлига нимадир демоқчи бўлди...

Ҳа, айтгандай, Бўри полвоннинг кўпни кўрган кўзлари бир нимани сезиб қолди: Абрай полвон кўкрагини бериб олишди.

Бўри полвон бундай вазиятларда ёқадан қўшқўллаб ушлайди. Тик турганча бирдан яғринга олади. Шунда, ғаними албатта юлдуз санайди...

Абрай полвон ана шунга жуда ўнг келади! Ўғли шуни сездимикин? Айтсамикин? Айтган билан қийин-ов, Тиловбердининг ўнги яғрин эмас.

Бўри полвон ўғлига разм солди.

Ўғли қобоқ-тумшуғи осилиб давра айланди.

Абрай полвон оёқларини чўққа тоблади.

Бўри полвон ана шундан фойдаланди. Ўғлини имлади. Қоронғига олиб борди. Ўғли елкасига қўлини қўйди.

Тиловберди отаси қўлини пастга тушириб ташлади. Юзини тескари ўгирди.
— Нимага иддао қиласан? — деди Бўри полвон. — Нима, ҳаромни ҳалол деб имонимдан кечайинми? Полвон бўлсанг ҳалол йиқит! Кўп терсайма! Сездингми, Абрай кўкракларини бериб олишяпти! Ёқасидан жуфт қилиб ушлаб, тиккасига яғринга ол-чи. Магарам, ошиб кетса! Олаётганингда ё, отамнинг пири, де! Тайин айт, бор...

Бўри полвон ўғлининг елкасига қоқиб-қоқиб даврага юборди.

XXXIV

Тиловберди полвон тағин ўйнаб-ўйнаб ҳамлага ўтди. Абрай полвон одамлар устига йиқилиб, юрагини олдириб қўйди.

Тиловберди полвон жон-жахди билан ҳамлага ўтиб эди, тағин кейинига тисарилди. Тиловберди полвон ёқасига қўл узатиб эди, билагига уриб ташлади, ёқасидан ушлатмади.

Тағин одамлар устига келди. Шундай катта давра, торлик қилиб қолди!

Одамлар фонусларини кўтариб, ўринларидан туриб кетди.
— Ай-ай, ўртага бориб олишинглар, ўртага! — деди. Полвонлар бир-бирини тинмай таъқиб этиб, ўртага юрди.

Абрай полвон Тиловберди полвон оёқларига ҳадиксираб-ҳадиксираб қаради.

Тиловберди полвон Абрай полвон кўзларига тик бокди. Пайт пойлади. Отасининг санъатини қўллаш йўлини ўйлади.

Ўйлади-ўйлади, юраги дов бермади.

Отаси ўнги яғрини бўлди, боласи ўнги уччоси бўлди.

Қийин, оталар санъатини ишлатиш қийин!

Бўри полвон зўр армон билан, зўр афсус-надомат билан бош чайқади.

Ай, йигитлик даври, йигитлик даври-я!..

Тиловберди полвон янада шиддат билан ҳамлага ўтди.

Оёқларини кериб ташлади. Қулочини кенг ёйди.
— Ҳаҳ-ҳаҳ-ҳаҳ! — дея, айқириб-айқириб борди. Абрай полвон кетига тисарила бошлади. Тисарилаётганда ўзини бирдан орқага ололмади. Хусусан, чап оёғи олдинда қолиб кета берди.

Тиловберди полвон ана шу вазиятни билиб қолди. Аммо ўзини билмасликка олди. Абрай полвон кўзларига тик боқиб бора берди.

Шу ҳолат тағин такрорланди.

Ана шунда Тиловберди полвон эпчиллик билан Абрай полвон билагидан ушлади. Чап оёғига оёғини илдириб, ўзига тортди. Қўлини ёнбошига босди.

Абрай полвон чап яғрини билан йиқилаётиб, қўлини тортиб қолди.

Оқибат, оёғи кўтарилиб, кўкраклари билан тушди. Жойидан ирғиб туриб кетди.

Жимжит бўлиб қолмиш давра бир қалқиб тушди.

Юзлаб юраклар бараварига:
— У-у-уҳ! — деб юборди.

Бу — стадиондаги футбол ишқибозларининг тўп дарвоза ёнгинасидан ўтиб кетгандаги уқига ўхшади!
— Уфф, бўлмади, бўлмади!
— Қўлини ушлаб қололмади!
— Шошаяпти шекилли!
— Йўқ, бармоқлари яхши ушлолмаяпти!
— Унда, ана, сув билан ҳўлласин!

XXXV

Полвонлар бош баковул олдида оғизларини сув билан чайқади. Қўлларини сувлаб ҳўллади.

Полвонлар олиши бор-йўғи бир неча дақиқа давом этди. Шугина вақтда ғарқ терга ботиб қолди.

Айниқса, Тиловберди полвон юзларидан тер селоба бўлиб оқди.

Тиловберди полвон эндиги олишда Абрай полвонни таниёлмади.

Абрай полвон ҳалигина чекинаётган Абрай полвонга ўхшамади! Дадил боқаётган кўзлари гўё кел, кела бер, олишни ана энди кўрасан, деяётгандай бўлди!

XXXVI

Тиловберди полвон ғолибона юришда давом этди.

Ўнг оёғини лапанглатиб-лапанглатиб олға ташлади. Баъзан, ҳаддан зиёд олға ташлаб юборди. Шунда, гавдаси орқада қолиб-қолиб кетди.

Абрай полвон сезди! Аммо Тиловберди оёғига атайин қарамади! Кўзларига тик боқиб, бора берди. Бор диққат-эътибори эса оёғида бўлди.

Бўлажак вазият тўлишиб келажак сайин кўзлари янада бесаранжом боқди, янада бежо бокди.

Хўжасоатликлар Тиловберди полвон бепарволиги оқибатида рўй бераётган нозик вазиятни кўриб турди. Аммо Тиловберди полвонни огоҳ қилишга журъат этолмади.

Эҳтимол, кўзлари тик боқаётган Абрай полвон бу вазиятни пайқамаётгандир? Борди-ю, овоз берсалар, Абрай полвон билиб қолмайдими?

Хўжасоатликлар ана шу ташвишда миқ этмай ўтирди.

Жумладан, Бўри полвонда миқ этмади.

Шўрчиликлар-чи? Бу вазиятни шўрчиликларда пайқади. Аммо уларда ташвишда қолди.

Айтиб қўйсалар, Тиловберди полвон оёғини тортиб олмайдими? Қопқонга илинаётган ўлжани ҳуркитиб юбормайдими?

Қалтис вазият бўлди!

Давра нафасини ютди.

Теварак сув сепгандай жимжит бўлди.

Фақат Тиловберди полвон билан Абрай полвон нафаси эшитилди.

Полвонлар бир-бирини руҳан арбади!

XXXVII

Бўри полвон давра четида чордана қурди. Ўзини, жамики оламни унутди.

Фавқулодда сесканди. Ён-верига аланглади. Сомон орасида қорайиб турган гилосдай тошни олди. Гоҳ ўнг, гоҳ чап кафтига олиб ўйнади. Мисоли олма ўйнади. Кейин, ўзидан холисга отиб юборди.

Қўйнидан тасбеҳини олди. Доналаб-доналаб тасбеҳ ағдарди.

Шиқ!

Ичида калима қайтарди. Ўнг кафтини юзига тортди. Боши чапга хиёл қийшайди. Ўғлининг лапанглаётган оёғидан кўз узмади.

«Ўғлим, оёғингни ол!»;

Шиқ!

Бўри полвонни зўр ҳадик босди. Қадди тобора чўкиб борди.

Томоғини қирди. Овозини ёлғиз ўзи эшитди. Оғзини анграйганнамо очди.

«Ўғлим, сенга айтаман!»;

Шиқ!

Йўқ, зафарли юришларга ўрганиб қолган отасининг ўғли оёғини олмади. Аксинча, хуруж қилиб бора берди!

Шиқ!

«Ўғлим, оёғингни ол, ол!»;

Шиқ!

Абрай полвон Тиловберди полвон кўзларидан кўз олмади. Кўз айирмади.

Тиловберди полвон оёғи ерга теккунича, зарб билан қоқиб юборди.
— Хап-а-а-а! — дея айқирди.

Ҳайқириқ ниҳоясига етмаёқ, Тиловберди полвон икки яғрини билан гупиллаб тушди!

XXXVIII

Отасининг ўғли дангал йиқилди!

Шундай зарб билан йиқилди, шундай зарб билан йиқилди! Зарбидан сапчиб туриб кетди!

Абрай полвон қўлларини осмонга чўзиб ирғишлади. Даврани айланиб чопди.

Шўрчиликлар ўрнидан туриб кетди. Бировлари телпагини осмонга отди. Бировлари қучоқлашиб кетди.

Абрай полвон баковул олдига чўккалади.

Баковул Абрай полвон елкасига тўн ёпди.
— Ҳўкизни тўйхонадан оласиз, — деди.

Абрай полвон тўнни баланд кўтарди. Даврани тағин бир айланиб чопди.

XXXIX

Шиқ!

Бўри полвон қўлидаги тасбеҳ ерга тушди.

Кўзлари юмилди, боши орқага хиёл чалқайди.

Кейин, ўзини ўнглаб олди. Насим полвонга қаради. Мунғайиб-мунғайиб қаради.

Насим полвон илжайди, Насим полвон тантана қилди!

Бўри полвон бошини хам қилди.

Ерда кулча бўлиб ётмиш тасбеҳини олди. Оҳиста қўзғолди.

Даврадан энкайиб-энкайиб чиқиб кетди.

Давра сиртида кийинажак ўғли овозини эшитди.

Ўғли йиғлаб-йиғлаб айтди:
— Мен йиқитганда ғирром деди, мана оқибати! Отамиз ниятига етди! Отамиз бор экан, бизга ғанимнинг кераги йўқ!..

Бўри полвон оёқ илди. Нимадир демоқчи бўлди. Аммо сўзлашга мадори етмади.

Оҳиста-оҳиста одимлади. Қоронғиликка кириб кетди. Дуч келмиш ғўзапоя уюмига чиқди. Елкасидан нафас олди.

«Қоронғи қандай яхши, одамлар кўрмайди...»;

Чўнқайиб ўтирди. Кейин, ёнбошлади. Телпагини кетига сурди. Титраётган бармоқлари тасбеҳ доналарини суръат билан санади: шиқ, шиқ, шиқ...

Давра тарафдан овозлар келди:
— Даврага дуо берсаям бўлар эди, полвон бова қаёққа кетди-а?
— Чақиринглар, шу яқинда бўлса, овоз беради!
— Бўри полвон-о-о-о!
— Уйига кетди шекилли!
— Унда, раис бова, сиз дуо беринг!
— Йўғ-э, чоллар бор-ку. Қани, Мирза бова!
— Қани, илоҳи омин, юртимиз ҳамиша тинч, обод бўлсин, полвонларимизнинг белига қувват берсин, сочилган ризқ-рўзимизни териб еб, янаги давраларгача ўйнаб-кулиб юрайлик, оллоҳу акбар!

XL

Одамлар фонуслари пилигини кўтариб, уйларига йўл олди.

Ҳовлиларда итлар ҳурди.

Чироқлар уч марта ўчиб ёнди: чироқчи тўй хизматчиларини огоҳлантирди.

Хизматчилар чўғни тепкилаб ўчирди. Хизматчилар кетди.

Ой шом еди.

Бўри полвон кампири алағда бўлишини ўйлаб, ўрнидан қўзғолди. Тимирскиланиб, пастлади.

Чироқлар остида бир одам ҳамон ўтирди. Танимади. Кўзлари ёруғда қамашди. Кафтини пешонасига соябон қилиб қаради.

Насим полвон қаппайган тугун устида чўнқайиб ўтирди. Ёлғиз ўзи ўтирди. Ҳамроҳлари даврада айирган молларини олиб келиш учун тўйхонага кетибди шекилли.

Насим полвон юзларида ғолиблик кайфияти!

Насим полвон рўпарасида пайдо бўлмиш шарпани сезди. Қўлларини олға чўзди. Бармоқларини қимирлатди.
— Абрай, келдиларингми? — деди.

Бўри полвон Насим полвон бармоқларига тикилди-тикилди... Кўнгли юмшаб кетди. Руҳиятида илиқлик, раҳмдиллик пайдо бўлди.

Насим полвонни бағрига босгиси келди. Соқолларига пешонасини суйкагиси келди.

Бир қадам босиб, оёқ илди.

«Йўқ-йўқ! Асло-асло! — деди. — Мен Бўри полвон бўп туғилдим, дунёдан Бўри полвон бўп ўтаман!»;

Бўри полвон йўлига бурилди. Нимқоронғиликда оёқ илди. Турди-турди, тағин қайтиб келди...

XLI

"Айтгандай, Насим ошна... Бизнинг Момоқиз омонми? Тани жони соғми? Ўйнаб-кулиб юрибдими? Вақти хушми? Уям қаридими?

Ошна, Момоқизда қаридими? Уям қаридими? Момоқиз-а?

Ошна, мен Момоқиз қариганига ишонмайман. Хаёлимда Момоқиз ҳалиям ўша-ўша, Ҳолвачининг қирларида юргандай бўлади...

Насим ошна, мабодо сен Момоқизнинг кўнглини оғритмадингми? Момоқизни хўрламадингми?

Абрайдан бошқаям фарзандларинг борми? Бўлса, нечов?

Мендан сўрасанг, ошна, Тиловбердининг онаси билан тотув яшаяпмиз. Қиздан қизим, ўғилдан ўғлим бор.

Яратганнинг ўзига шукур!

Қизларимдан невараларим кўп. Қизларимнинг ота, деганини эшитиб бир суюнсам, невараларимнинг бобо, деганини эшитиб икки суюнаман.

Ҳадемай Тиловбердининг бошинида иккита қиламан.

Яратганга минг қатла шукур, бировдан кам жойим йўқ!

Умрим халққа хизмат қилиб ўтди, ошна!

Йигирма йилдан ошиқ раис бўлдим, ошна, йигирма йилдан! Бир колхозда шунча йил узлуксиз раис бўлиш айтишга осон!

Ошна, давраларни қандай бошқарган бўлсам, колхознида шундай бошқардим!

Катталар раислигимдан миннатдор бўлди. Йўлдош Охунбобоев шахсан ўзи келиб, елкамга қоқди! Шахсан ўзи келиб, кўкрагимга нишон тақди!

Шунда, айтайинми, Охунбобоев нима деди? Баракалла, полвон раис, баракалла, деди! Ҳа, қайта-қайта айтди!

Ошна, Охунбобоев ҳамма раиснингда елкасига қоқа бермаган! Охунбобоев ҳамма раисгада баракалла, дея бермаган!

Ишонмасанг, ана, Қобил шўродан сўра!

Ўзиям, йигитмисан-йигит эдим-да, ошна. Менинг кимлигимни кундузида билса бўларди, кечасида билса бўларди.

Бир йили Тошкентдан Тамарахоним келди. Колхозимиз илғор эди-да. Ой битса-да, кун битса-да, бизнинг колхозимизга битсин эди-да.

Қолоқ колхозга Тамарахоним келармиди!

Ҳовуз бўйида ўйин-кулги бўлди.

Созандалар соз чалди, ҳофизлар хониш қилди, раққосалар хиром этди.

Ой қайрағочлар орасидан мўралаб-мўралаб турди.

Тамарахоним давра охирида ўйнади. Гир-гир айланиб ўйнади!

Тамарахоним ўзи лапар айтиб, ўзи ўйнади!

Шунда, Қобил шўро ўзидан кетиб қолди: сержун кўкракларини очиб юборди. Жундор кўкракларига гурс-гурс муштлади.
— А-а-ай!..— дея қийқирди. Белидан белбоғини олиб олдига ёйди.

Самад ҳосилот бўлса, жўшгандан-жўшди. Қучоғини катта-катта очди. Қўлларини бураб-бураб... ўтирган жойида ўйнаб қўя берди!
— Ҳа, жо-о-он! — дея завқлана-завқлана қийқирди. Ҳосилотда олдига белбоғини ёйди. Тамарахоним лапар айтиб ўйнай берди.
— Бўйингдан-е!..— дея лапар айтди. Барчаданда Бакир миробга хўп нашъа қилди. Мироб кетига чалқайиб-чалқайиб кулди, кўкрагига шапатилаб-шапатилаб кулди. Тамарахоним:
— Бўйингдан-е, бўйингдан-е!..— дея нақарот қилди. Шунда мироб:
— Бўйимдан-ай, ҳай, бўйимдан-ай!..— дея, ўтирган ерида ликлик ўйнаб қўя берди!

Бакир миробда олдига белбоғини ёйиб қўйди. Катталар манмансиради!

Тамарахонимни ўз рўмолларига бир, ақалли бир... чўккалатгилари келди!

Тамарахоним бўлса, рўмолларга қиёда боқмади!
— Бўйингдан-е!..— дейишини қўймади. Тамарахоним ўйнаб-ўйнаб, менинг пешонамга келди.

Шундайгина пешонамда хиром этди!

Мен орланиб-орланиб, ерга қараб турдим.

Тағин, Тиловбердининг онаси ангғиб турган бўлса-я, дея, ер остидан даврага сер солдим.

Йўқ, онаси юзига кўзим тушмади.

Шундай бўлса-да, Тиловбердининг онасидан уятдир-е, дея, ерга қараб тура бердим.

Шунда давра:
— Белбоғни ёйинг, Бўри полвон, белбоғни ёйинг! — деб қолди.

Белимдан белбоғимни қандайин олдим, ерга қандайин ёйдим... ўзимда билмадим!

Шунда... шунда, Тамарахоним белбоғимга чўк тушди!

Тамарахонимдан бойчечак иси келди!

Тамарахоним шундайгина пешонагинамда муқом этди! Шундайгина белбоққинам устигинасида муқом этди!

Тамарахоним елкаларини ўйнатди, кўзларини қисди, қошларини учирди!
— Бўйингдан-е!..— дея авж қилди. Бўлди кулги, бўлди қийқириқ!

Насим ошна, Тамарахоним ҳаммагада муқом қила бермаган, ҳа! Лекин... Насим ошна, бир гап айтсам бировга айтмайсанми?

Ошна, Момоқиз ҳамон кўз олдимдан кетмайди...

Одамда покдомон туйғулар кўп бўлади, сўнмас туйғулар кўп бўлади...

Бари-бари ўз йўлига бўлади!

Аммо биринчи... биринчи кўнгил!..

Насим ошна, мен биринчи кўнгилдан иффатлисини кўрмадим, биринчи кўнгилдан сўнмасини кўрмадим!

Ошиқ умрим мобайнида жуда кўп қизларни кўрдим.

Тағин, гапимни ёмон тарафга бурма, сенда шундай феъл бор...

Мен қизларни кўчаларда, театрларда кўрдим, тўй-маъракаларда, киноларда кўрдим. Бари кизлар хушрўй-хушрўй...

Айниқса, ҳинд киноларидаги қизлар! Сув билан ютгудай қизлар! Сулув-сулув қизлар!

Ҳинд қизларининг қошлари оралиғида хол, ёноқларида хол, иякларида хол!

Ҳинд қизлари тўлғониб-тўлғониб, эшилиб-эшилиб ўйнади!

Мен ана шунда, ўзимизнинг ёшлигимизни ўйладим. Момоқизни ўйладим...

Интиқ бўлдим, ҳинд киноларидан Момоқизни изладим, Момоқиз йўқ...

Ҳинд қизлари ҳар қанча эшилиб ўйнаса-да, тўлғониб ўйнаса-да, барибир... барибир, Момоқизга келбат бермади. Ҳинд қизларида Момоқиз бўлолмади.

Насим ошна, ҳинд қизларида Момоқизнинг олдидан ўта берсин!

Ошна, Тиловбердининг онасигада кўнглим кетиб уйландим. У... у, Момоқизданда хушрўй...

Ошна, уям Момоқизнинг олдидан ўта берсин!

Насим ошна, мен Момоқиздан улуғини кўрмадим!

Ҳар эр кўнгилнинг қиз кўнгилга айтажак гаплари бўлади. Кўнглида шу гапи бўлмаган йигит — йигит эмасдир! Шу гапни қайсидир йигитдан интизор бўлиб кутмаган қизда — қиз эмасдир!

Дунёга келдим, деб юрмасинлар!

Биров, бу гапни бир сўз билан айтади. Биров, кўп сўз билан айтади. Тағин биров, айтолмай қолади...

Насим ошна, мен ўз гапимни Момоқизга айтолмай қолдим!

Аммо ўз умримдан ўзим шукур қиламан, ошна.

Бўри полвон, сен йигит бўлиб эдинг, ана, биринчи кўнглинг бор, дейман.

Бўри полвон, сен ошиқ бўлиб эдинг, ана, биринчи кўнглинг бор, дейман.

Насим ошна, Момоқиз ҳалиям кўнглимнинг туб-тубида яшайди. Уни бировда билмайди. Ҳатто, Тиловбердининг онасида билмайди...

Мен Момоқизни уйқуларимда кўраман: у жилмайиб-жилмайиб қараб туради...

Кўзларимни очаман: уй зимистон бўлади.

Теварагимни пайпаслайман: қабатимда Тиловбердининг онаси ётган бўлади.

Ай, онаси, тур, Момоқиз келди, дегим келади.

Ай, онаси, тур, мен Момоқизни кўрдим, дегим келади.

Демайман, демайман!..

Саҳаргача Момоқизни ўйлаб ётаман, тағин келар деган умидда кўзларимни юмиб қарайман. Йўқ, Момоқиз энди келмайди...

Саҳармардондан тўриқни минаман. Ўзимизнинг қирларга йўл оламан!

Ҳайрондарадан от соламан!

Бизнинг ғаллазорлар йўқ. Эндиги Ҳайрондара бошдан-оёқ пахтазор...

Сув тараётган сувчилар, йўл бўлсин, дейди.

Мен, шундай, тўриқни совутиб юрибман, дейман.

Мен тўриқни эмас, ўзимни совутиб юрганимни сувчилар билмайди...

Ҳолвачига от қўйиб чиқаман!

Теваракка аланглайман: ўша-ўша ўзимизнинг қирлар...

Уккағар қирлар ҳамон юксак-юксак!

Товатошлар ёналарда йиқилай-йиқилай дея омонат туради. Тошлар кичрайиб қолгандай туюлади. Ё, отдалигим учун шундай туюладими, билмайман.

Чаналар йўқ, энди комбайнлар бор.

Тўрғайларда сийраклаб қолибди. Унда-мунда бир чулдирайди, бўлди.

Жониворлар техникани хуш кўрмайди-да...

Ўша-ўша... фақат, Момоқиз йўқ!

Тўриқ ердаги хасларга узалади.

Мен жиловни қўйиб юбораман.

Телпагим оғирлик қилаётгандай бўлади. Оҳиста кетимга суриб қўяман.

Қўлим юзи билан пешонамни артаман. Пешонам ҳўл, тафтли...

Оғир хўрсинаман. Елкаларим бир ҳурпайиб тушади.

Қамчили қўлимни чап сонимга қўяман.

Олис-олисларга қарайман...

Наҳорнинг мулойим шамоли соқолимни силайди!

Олислар кўзимни толдиради. Бошимни қуйи эгаман. Эгар қошига термулиб қоламан.

Эгар қошида олислаб боради. Оппоқ туманда чайқалиб-чайқалиб боради. Бора-бора, кўринмай қолади. Туман суюқ...

Ҳайрон бўламан. Бармоқларим билан пайпаслайман. Йўқ, эгар қоши жойида бўлади.

Қиприк қоқаман. Бор эс-ҳушим бир қалқиб тушади, кўнглим бир қалқиб тушади. Оғир-оғир тош гурс-гурс юмалайди.

Эгар қошини кўраман, қўлим юзидаги томчиларни кўраман...

Кўнглимдаги оғир тош ана шу томчилар билан оқиб тушади!

Ай, а-а-ай!..

Қамчили қўлим томчиларни артади. Аммо фойдасиз бўлади. Хиёл ўтмайди, томчилар бу қўлимгада томади.

Томоғимга нимадир тиқилади. Ютинайин дейман. Бўлмайди, бўлмайди...

Бўри полвондай одамда ютинишга дармон йўқ!

Ай, а-а-ай!..

Тўриқ ҳадик олади. Жимийиб-жимийиб, бўйнини гажак-гажак қилади.

Мен тўриқ бўйнига суянаман. Бармоқларим билан ёлларини тарайман. Тўриқ бўйнини қучоқлайман. Ёлларига юзларимни суйкайман...

Ай, а-а-ай!..

Шунда... шунда, олис-олислардан рубобий қўшиқ келади, рубобий қўшиқ!

Мен сергак бўламан. Оҳиста-оҳиста қаддимни ростлайман.

Қўшиқ тобора яқин-яқин келади. Бора-бора, қирни қўшиқ олади.

Мен рубобий қўшиқ қўйнида қоламан!

Кўнглим қўшиққа тўлади! Лиммо-лим!

Яйраб кетаман! Олисларга термуламан — куламан, олисларга термуламан — тағин куламан!..

Кўнглим томчилашини қўймайди, мен — кулишимни!

Ошна, мен ўзимизнинг қўшиқни эшитаман, ўзимизнинг!

Момоқиз қўшиқ айтади, Момоқиз!

Қизлар жўр бўлади!

Насим ошна, мен ана шунда Момоқизни кўраман!

У, ўроқ ўриб-ўриб... рўмолининг учи кўкрагига тушиб-тушиб... уни тағин елкасига ташлаб-ташлаб... менга қиё боқиб-боқиб... Зулфларини тоблаб-тоблаб... Ҳам иболи, ҳам гинали кулиб-кулиб... қўшиқ айтади!"

XLII

Бўри полвон кўнгли тўлиб-тўлиб келди.

Кўнгли тўридан нималардир ўксиб-ўксиб кела берди. Ўксик зарбидан елкалари силкина берди.

Ёноқларидан маржон-маржон ёшлар оқди.

Оҳлар — юракдан, ёшлар — кўздан бўла берди...

"Насим ошна, менинг сендан ўзгада ошналарим кўп. Бари тирикчилик юзасидан. Сендан угина, мендан бугина қабилида.

Ошна, болалик ошнага... болалик ошнага келмайди!

Ошна, тўйларимда, бетоб бўлиб қолганларимда сени кўп ёдладим. Айниқса, бурноғи йили кўп қўмсадим. Боиси, ана кетдим, мана кетдим, бўлиб қолдим-да.

Барча-барча келди. Ғанимларимда келди. Кўнгил сўраб кетди.

Сен бўлсанг, келмадинг. Мабодо келсанг, ҳалак бўлардинг: барибир гап қўшмас эдим!

Насим ошна, кўзимга кўриниб, ярамни янгиладинг. Яна-тағин, ўғлимнида йиқитдинг.

Билиб қўй, ошна... изингдан сурганим-сурган! Қаерда давра бўлса, изингдан қувиб бораман!

Тиловбердини ўғлинг билан уч сафаргача олиштираман. Борди-ю, уч мартасидада ўғлинг ўктам келса... унда, на илож, учдан кейин пуч...

Барибир қўймайман! Ана, невараларим бор! Насиб бўлса, неварамни неваранг билан олиштираман!

Ишончим комилки, неварам бобосининг орини олади!

Сен кўрмаяпсан, ошна, ой ботиб, юлдузлар сўниб-сўниб бораяпти.

Ўғлим ўктамлигида юлдузлар ёнгани ёнган бўлди. Ўғлим мағлублигида сўнгани сўнган бўлди...

Ҳар банданинг кўкда ўз юлдузи бўлади, ошна. Шу юлдузнинг ёнгани — шу банданинг ёнганидир. Шу юлдузнинг сўнгани — шу банданинг сўнганидир.

Йўқ, ошна, йўқ!

Юлдузим ҳали ёнади! Давраларим ҳали давом этади!

Невараларим давраларда:
— Ё, бобомнинг пири! — дея айқириб-айқириб олиша беради!

Юлдузим мангу ёнади!"

XLIII

Тўйхона эшиги тарафдан одам овози эшитилди. Қўй маъраши эшитилди.

Бўри полвон йўлига бурилди.

«Хўш де, Насим ошна, хўш де. Худонинг паноҳига...»;

1976

  1. Хон, ой, гул маъносида.
  2. Олисдан келмишлар кўнган хонадон.
  3. Ҳадис (куч синашиш).
  4. Икки полвон баравар йикилса, икковида ғолиб бўлмайди.
  5. Даврани қойил қилган ғолиб.
  6. Ҳўкизларни матаб хирмон янчиш.
  7. Термиздаги жинниларни даволайдиган даргоҳ.