OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

1 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифТоҳир Малик
Асар номи112-қабр (ҳажвия)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Ҳажв
Муаллифлар
   - Тоҳир Малик
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳажвиялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм51KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/10/05
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





112-қабр (ҳажвия)
Тоҳир Малик

«
Уч ҳангомадан иборат даҳшатсиз баён
»

Омма, кўп ғашимга тегдинг-да, сен бола. Нечун қитмирлик қилаётганингни билиб турибман. Сен мени кўролмайсан. Дўхтирлар сени аперайса қилиб, қорнингни очганида «бу боланинг ичи қорами ё йўқми?» деб сўрасам бўларкан. Шоқос итбознинг ити болалаган куни мен бир ёзғувчи бирлан танишдим. Эшитгандирсан, Гурилло Бадҳарфий дегони ёзғувчиликни тозза гуриллатган эркон. Эшитган бўлсанг ҳам, «танимайман», дейсан. Ичқоралар шунақа бўлишади. Сендан тузукроқ бўлса керакки, тан олишни истамайсан. Секин суриштирсам, мендан кўпроқ ҳарфни билмас эркон. Ома-локигин калласи бинойи! Қулинг ўргулсун, «оқ бола»нинг иккитасини юмалатдиг-у суҳбати жонон қизигани учун ўзимиз қуламадик. Охир-оқибат келишдикким, мен унинг ҳаётини рўмон қилиб ёзадурғон бўлдим, у менинг ҳаётимни кино қилудурғон бўлди. Яна битта «оқ бола»нинг баҳридан ўтдук, менинг ўғил болалигим тутуб, ароқнинг пулини шарт тўлавордим. Шунинг кайфида Гурилло бир йиғлаб, бир кулиб ҳаётини айтуб берди. Ярмига келгонида кайфи тарқаб, илҳоми ҳам кетди. Яна бир «оқ бола»ни юмалатай десам, пулим қолмабди. Эртасига учрашармиз, дедук. Эртасига билсамки, бояқиш ўлибди. Ўлган бўлса бўйнимдаги бир «оқ бола» қарзидан қутулишим бор-ку, ҳаётини рўмон қилиб қутула қолай дедум. Айтолмай қолғон чала гапларини юмалоқ-ёстиқ қилиб тўқидиму рўмонни «гатоп» қилиб қўя қолдим. Сен ичқоралик қилмай эшитгин-у, қоғозга кўчируб китоб чиқарадуғонларга олиб бориб бер. Агар у-бу нарсани шамаъ қилишса, айтавер, Гуриллога аталган «оқ бола»дан элликтагина ичганман, қолғони шундайлигича турибди. Ҳаммасини бераман. Омма закускаси ўзингдан. Ие, тўхта, гапимнинг чаласи қолибди. Қоғозга кўчириб ёзаётганингда жуда-а эскичасига қилиб юборма. Олдингисини чойхонадагилар яхши тушунишмабди. Янгичасига ёз, ҳамманинг тиши ўтадиргон бўлсун. Келишдикми, унда эшит, гап бундай:

Биринчи ҳангома

Машҳури замон бўлмиш Гурилло Бадҳарфий эсини қачон таниганини билмагани рост. Ҳамма қатори уч-тўрт ёшларни чамалаб юргони ҳам рост эрур. Ўзининг айтишича, бобосининг «Олим бўлур кишининг пешонаси кенг бўлур», деган пуруҳикмат гапини таҳминан шу ёшларида эшитган чиқадур. Ҳарчанд уринмасун, ундан олдигилари ёдида йўқдур.

Гурилло ҳикматларнинг ҳақиқатга яқин эрурлигини ўша ёшида эмас, сал кечикиброқ пайқаган, бу бирлан эса ўзининг келажакда буюк олим бўлишига ишонч ҳосил қилғон эрди.

Ҳа, айнан шундай: унинг пешонагинаси кенг, бўйи Жаҳди паканадан тикроқ, қараши Кунниса шилпиқникидан кўра майинроқ эди.

Мактаб ёшига қадарли хат чизилгон қоғозларни кўтариб юришини тасдиқловчи гувоҳларнинг охиргиси етти ой аввал қазо қилибдур, Худо раҳмат этсун. Китоб кўтариб юргонини тасдиқловчи икки гувоҳ тирик, омма иккови ҳам тилдан қолғондир. Зарур топилса, кўз қарашлари бирлан тасдиқ этиб берувларига ишончим озроқ. Унинг китобни ўқиса-ўқимаса кўтариб юрганини овора бўлиб, исбот этиш шарт эрмас кўринадур.

Олим бўлиш учун зарур талаб – кенг пешонани Худонинг Ўзи бериб қўйгач, нечун ўзини фан сўқмоғига урмасун? Урди! Жавлон урмоқ учун ўзига катта майдон қидирди. Пешонаси кенг бўла туриб, ўрта-миёна олим даражасида қолишга кўнса, нодон десакда арзир эрди. Аммо кўнмади! Унинг нияти оламни донг қолдурадурғон ихтиро қилмоқлик эрди. Рўпарасидан ҳандаса илмининг денгизи чиқиб қолғон эди, ўйлаб ҳам ўтирмай шўнғиди. Қарасаки, бу денгиз саёзроқ эркон, яъниким, зўр ихтироларни шошқалоқ олимлар ўтган асрларда юмалоқ-ёстиқ қилиб ташлашгон эркон. Янаям тўғриси, бу денгизда сузишга уқуви етмаслиги билиниб, четга чиқа қолди. Худонинг унга раҳми келуб, фалакиётни рўпара қилди. Локин Худонинг бу ишига қойил қолмади: осмонга бундай назар солса, ҳамма юлдузларга исм қўйиб адо этилибдур. Унинг муборак исми учун бўш юлдуз қолмабдур. Бу бир адолатсизлик-да! Ахир осмонда «Гурилло» деган юлдуз чарақлаб турса ярашмасмиди? Агар яна битта бўш юлдуз бўлса, Гуриллонинг ҳаётини рўмон қилгон ЖЎРЖнинг муборак номи ҳам осмонга чиқиб қолармиди, а? Хўп, буни ёзмай қўя қол, давомини эшит:

Бахтидан ўргулсин, қараса, кимё жадвалида бўш катаклар кўп эркон. Мендлоеф деган бир серсоқол олим ўтганми? Нима? «Менделеев» дедингми? Адашмадингми? Бўпти, қандай ёзсанг ёзавер. Шу катаклардан биттасини тўлдирса ҳам Мендлоеф ёнидаги бўш тахтга ўтирар эркон.
— Мендлоефнинг юзта ихтироси-ю менинг битта кашфиётим! Келажакда кимёнинг жадвали менинг отим билан аталади!-деб аҳд қилди.

Аҳдга беш кетсак арзир: «Мендлоеф жадвали» деган қайда-ю «Гурилло жадвали!» деган қайда?!

Гуриллонинг мактабда кимё фанидан «уч» баҳога ўқиган, деб ёмонлаган одамнинг ўзи ёмон. Ўша Мендлоеф ҳам «уч»га ўқигон эркон-ку? Ўша додахўжа олимнинг зўр ҳислати Гуриллода ҳам бўлса нимаси ёмон? Гурилло кўзгуга қараганда ўша Мендлоефнинг пешонасида ҳам ўхшашлик топди. Омма, ота-бобоси кўса бўлгани сабабли серсоқол бўлиш умиди сўнди. Бу ҳам яхши. Ўша серсоқолдан фарқи ҳам бўлиши зарур-да!

Ўнинчи синфни битириб, мактаб билан ҳайрлашаётганида ҳамманинг олдида «Мендлоеф жадвалидаги 112-катакни мен тўлдираман!» деб тантанали ваъда бериб тўғри қилди. Яхши ишни яшириб юришнинг нимаси фойдаси бор? Ҳамма ажабланган эди у камтарлик билан шундай изоҳ берди:
— Мен катта кетолмайман. Ўзингизга маълум, кашфиёт оғир масъала. Мен институтни тугатиб, то кашфиётга киришгунимча ҳозирги олимлар жим ўтиришмайди. Улар 112-катаккача бўлган бўш ўринларни тўлдириб туришсин, қолганини мен ўзим боплаб ташлайман,-деди барака топгур.

«Химфакка киришим «занжир реактсия» орқали амалга ошди», девди, омма мен бунисига тушунмадим. Балки «оқ бола»нинг кучидан шунақа алжиб юборгандир. Бу ёғини ўзинг тўғирлаб юборарсан. Хуллас, ўзининг айтишича, дадасининг пули билан танишлари уни икки йил бадалида талабалик курсисида маҳкам ушлаб туришибди. Бояқиш, шу икки йилда ҳамма олимларнинг ҳаётини ўқиб тушириб, уларга ўхшаб қолибдур. Аждоди кўса ўтган бўлса ҳам, Худодан умид қилиб соқол қўйибдур. Худонинг раҳми келуб, биринчи синф ўқувчиси санай оладургон миқдорда соқол чиқибдур. Омма нечундир мўйлаб жонивардан кўп вақт дарак бўлмабдур. Мендлоеф кўзойнак тақар эркон, Гуриллонинг кўзлари балонинг ўқидек чақнаб турса ҳам, кўзойнак тақаверди. Мендлоеф деган нодон бир ҳафталаб овқат емас эркон. «Бу нодонлиғи бекоргамасдир», деб таомдин ўзни тортибдур ва оқибат ўқишда кўринмай қолибдур. Ўн кундан кейин эти устихонига ёпишган бир авҳолда ўқиш хонасига судраб келубдурлар. У таом емаган кунлар нечундир, жадвалнинг 112-катаги хусусинда эмас, тўкин дастурхон тўғрисинда ўйлаганини менга гапира туриб йиғлаб юборди. Ўзимнинг ҳақимдан ярим пиёла қуйиб узатмаганимда овутиш қийин бўлур эрди бояқишни.

Худонинг мўъжизасини қарагин-ки, «занжир реактсия»нинг кучсизланиб сўниши, Гуриллонинг бу илмдан совушига тўғри келиб қолибдур. Додахўжа олимларнинг ҳамма ҳислатлари ўзида мавжуд бўлса ҳам, мардлик қилиб, ўша майдонни ташлаб чиқиб кетадур. Шу тантилиги учун ҳам ўша бадбахт жадвални Гурилло номи билан атаворишса бўларди, номардлар!

Бобоси билмаган нарсасини гапирмайди: пешонаси кенг қилиб яратилгандан кейин буюк бўлмай қаёққа ҳам борсин! Овози бинойи, гавдаси келишган: қуйиб қўйилган артист-ку! Пешонасини тириштириб юрадиган бадқовоқларни ҳам кулдириш қўлидан келадур. Юзтадан ортиқ ролни қойилмақом қилиб ташласа, буюк бўлади-ю тарихда қолади. Масъала ҳал! Дадасининг касби нималигини сўраб олмагон эрконман, омма «дадамнинг режиссерлигида артистлик ўқишига кируб ўқудум», дегани эсимда. «Беш пардага мўлжаллангон ҳаётий фожиа ривожланиб кетуб, саккиз пардада кўз ёшисиз якунланиб, диплом киссага тушди», деса гапига тушунмабман. Гапга тўн кийғизворадиган ёзғувчи эди-да, бояқиш. Кейин тушунтириб берди: беш йиллик ўқишга тўймай, саккиз йил ўқигон эркон.

Барака топгур Гурилло саккиз йилни бекорга совурмай, оламга донг таратган артистларнинг барча ажойиб ҳислатларини ўзида жамлади. Мендлоефга ўхшатадурғон соқолни қирдириб ташлади-ю морж аталмиш жониворни эслататурғон мўйлаб қўйди. Кинода тўқсон икки яримта рол ўйнағон шуҳратли артистга ярашган шунақа мўйлаб Гуриллога ярашмас эрканми? Чорли Чоплин деган отлиғ артист ўша мўржмўйловдан шуҳратлироқ бўлгани учун, хатосини англади. Тўрт ойдан кейин қўйғон қўнғизмўйлаби песга ҳол япиштирғандек ярашди-қолди! Бир нодон ҳар куни эрталаб тош кўтарар экан, Гурилло кунда тўрт марта кўтаравериб, мушаклари тошиб чиқди. Тўртинчи йил ўқувида кўзлари мошдек очилди. Ўзимизнинг Тарзанни ўйнагон артист сузиш бўйича жаҳон чемпиони бўғон эрконми? У эса ҳали сузишни билмаса-я? Ана, уят! Сузишни ўрганаман, деганда икки марта чўкиб кетай, деди-ю Худо бу эрка бандасини асраб қолди.

Театруда режистер деган ҳоким бўларкан. Гуриллога шунақа ҳоким режистернинг бетамизи учраб қолди. Саккиз йил ўқиб, қуйиб қўйган артистга айланган Гуриллога арзимаган ролларни беравериб, бездириб юборди. Сен мени кўролмаганингдек, ўша ҳам Гуриллони кўролмаган-да, дардингни олай! Гурилло мағрур артист эди. Шарт театрудан кетворди.

Энди нима қилиш керак?

Ёзғувчилик! Юздан орттириб китоб ёзиб ташласа, дунёни қойил қолдиради. Суриштириб кўрса, бир юз ўнта рўмон ёзган ёзғувчи бор эркон. У бир юз ўн иккита рўмон ёзмоқликни мўлжаллаб, адабиёт оламига от суриб қолсами?! Шайтон «Сен бир юз йигирмата, ҳатто бир юз ўттизта рўмон ёза оласан!» деб васваса қилди-ю локин у «ҳар ишнинг миёнаси яхшидур», деди. Камтар одамнинг чегарани билгони яхши-да. У бояқиш энди ҳам рўмон ёзди, ҳам улуғ ёзғувчиларнинг ҳислатларини жамлашга киришди. Биттасига ўхшаб сопол шляпа кийди, бошқасига ўхшаб жағининг тагидага тўрттагина соқолини ўстириб юборди. Яна биттаси табиб ўтган экан, тиббий китобларни олиб ўқиди. Одамнинг миясини ўргататурғон китобни ўқиётганида мияси суюлиб кетай деди-ю, бу машғулотини бас қилди. Биттаси театруда ишчи бўлғон эркон, у бира тўласи қоровулликка кирди. Биттаси мажнунсифат бўлиб юриб, жини ёқтирмағон кишилар ила муштлашар эркон. У ҳам мажнунликни касб қилди-ю, икки марта чапани йигитларнинг қўлига тушгач, эсини таниб олди. Гурилло яхшиликка яхши эди-ю, омма бир-икки хурмача қилиғи ортиқчайди. Эси пастлиги ҳам бор эди. «Мен сопол пелада чой ичаман, чунки Қодирий сопол пела-коса ишлатғон», дейди. Бўлмаган гап! Менинг ўгай тоғам чинни пиёлада чой ичганига гувоҳларим бор. Навоий бўйдоқ ўтган, деб хотини билан ҳам ажрашибди.

Очиғи, мен унинг кўп гапларини яхши тушунмадим. Қоровул бўлиб ишлаётганида столи устида Шекс деган пирининг китоби тураркан. «Отаулла» деган рўмони борми ўшанинг? Нима дединг, қайтар-чи? Пирининг оти Шекспирми? «Отелло» дегани рўмонмас, «трагедия» дейсанми? Бўлса бордир. «Оқ бола»дан ичволсам, қулоғим яхши эшитмайтурғон бўлиб қолади. Хўп, сеники маъқул, жириллайверма. Ўша «Отаулла»га ўхшатиб учта рўмон ёзибди. «Гамлот» дегани борми? Ҳа, «Гамлет»ми? Билмадим, ҳар ҳолда ўшандан ўтадағон қилиб саккизта рўмон ёзибди.

Сопол шляпа кийиб юрганида бешта рўмон ёзибди. Хотинини ҳайдагандан кейин «Фарҳоду Лайли» деган ўн иккита рўмон ёзибди. Ана энди унга «Қойилман!» демай кўр-чи! Китобларининг босилиб чиқмағони ҳисоб эрмас. Муҳими ёзишда! Дунёда сендан кўра инсофлироқ ёзғувчилар ҳам бор. Шулардан иккитаси унинг тўртта рўмонидан битта ҳикоя ясаб газнитда чиқартириб беришгани учун жаннатга тушсалар керак.

Мен бирлан «оқ бола»ни юмалатганда Гурилло бир юз ўн биринчи рўмонини ёзганини айтгон эрди. У қайсидир ёзғувчига ўхшаб ёзаётиб, ўлишини орзу қиларди. Локигин, «оқ бола»ни қучоқлаб ўлиб қолибди. Худонинг эрка бандаси эди, бояқиш. Уни янги қабристонга қўйишибди. Гўрига бориб, зиёрат қилдим. Гўрга қадалган номирасига қарасам «112» экан. Битта таниши билан борувдим, кўз ёши қила туриб «Бояқиш кимёдаги 112-моддани, кинодаги 112-ролини, адабиётдаги 112-рўмонини шу ердан топди», дейди. Нимага шунақа деди, тушунолмадим. Сен тушунган бўлсанг, гапга тўн кийғизиб ёзиб юборавер. Энди мен чарчадим. Аҳбор карнайнинг улфатида бугун текин ош бор. «Текиндан кафан бўлса ўлмоқ керак», деб бекорга айтишмагандир. Кафани қурсин, омма паловхонтўра ланж бўлмасин, мен кетдим...

Иккинчи ҳангома

Ие, жамоа жам-ку! Ялписига ассалому алайкум! Бировга бориб «Абдумалик аканинг ўғли бизлар билан чойхонада ош ейди», десам ишонмаса керак. Ҳадеб уйингдаа китобга мук тушиб ўтирмай, чойхонага чиқиб турсанг, обрўйинг ошади. Тишинг тузалиб қолдими? Олдириб ташладингми? Ақл тишини-я? Ҳа, майли ташвишланма. Сенда ақл тиши бўлди нима-ю бўлмади нима, барибир ўша-ўшасан. Тиш дўхтирга нима дединг, сен бола? «Жўрж тоғанинг тишга тегадағон гапларидан жоним ҳалқумимга келди», деганинг ростми? Ақл тишини олдириб ташлаганинг билинибди. Ҳеч замонда гап тишга тегадими? Гап қулоққа айтилади, тишга эмас. Агар яна шунақа валдир-вос гапларни айтиб юрсанг, орани очиқ қилиб ташлайман. Устозлигингни пишириб е! Ўзимам туппа-тузук ёзғувчи бўлиб қолдим. Энди мустақил ёзиб ташлайвераман. Сенинг маслаҳатларинг менга капейка! Муҳими, тушимда Жулқунбой тоғам оғзимга тупурганлар. Шуниси главний! Сен жағингни ушлаб дўхтирда ўтирганингда, мен Гурилло ҳақидаги рўмонимнинг давомини тўқиб ташладим. «Гурилло Бадҳарфий ўлган эди-ку?» дейсанми? Рўмонимнинг иккинчи китоби унинг ўлганидан кейинги ҳангома-да. Эшит:

Шундай қилиб, одамлар Гурилло Бадҳарфийни 112-қабрга қўйишди-ю тарқалишди. Хў-ўш, десанг, жамоа тарқалиши билан, Гурилло ўзини кенг ялангликда кўрди-ю ҳайрону лол қолди. Ахир у одамлар орасида яшади, нариги дунё ҳақидаги гап-сўзларни у ҳам эшитган. Қабрга тупроқ тортилиши билан лаҳадга Мункар-накир кириб келиши керак эди. Нима, хато гапирдимми? Мункар бошқа Накир бошқами? Иккови бир эмасми? Сенинг устозинг ким, билмайману аммо локигин қисир қолган сигиримизни қочиришга олиб кетаётганимизда додам менга Мункар-накир деган одамни гапириб берганлар. Яна нима дейсан? Мункар ва Накир одам эмасми? Фаришта бўлса фариштадир, бу ёғини ўзинг тўғрилаб ёзавур, бола. Хўп, Мункар билан Накир кириб «Дининг надир?» деб сўраши тўғрими? Ҳа, шунақа бўлишини Гурилло ҳам эшитган эди. Лекин лаҳадда сўроқ бўлмай бирдан ялангликда пайдо бўлишидан ҳайрон бўлиб қолибдур. Атрофга аланг-жаланг қилуб, сўнг шундай ўйларни ўйлабдур:

«Гуноҳим камроқ бўлса, сўраб-тергаб ўтирмай тўғри жаннатга ўтқазиб юборишдимикин? Йўғ-э, ҳали қилкўприкдан ўтмадим-ку? Агар бу ер жаннат бўлса, унда парилари қани? Бир қултум сув билан ютиб юборса бўладиган сулувлари қани? Атрофдагилар росмана одамларга ўхшашяпти. Анави жувоннинг турқи намунча совуқ? Менга бунча тикилади? Йў-ўқ... бу ер жаннат эмас. Уйдаги гап кўчага тўғри келмайди, деганлари ҳаққи-рост. Балки бу томондагиларнинг ҳам замони ўзгариб, ишлаш услуби ҳам бошқача бўлғондир? Ахир Мункар билан Накир қачонгача гурзи кўтариб сарсон юради?»

Гурилло шу ўйлар ила банд бўлғон кезда атрофда жонланиш сезилибдур. Буталар орасидан чуваккина чол чиқиб келиб, гиламчага чордона қуриб ўтирмишдир. Во ажаб!.. Ахир бу Гуриллонинг гилами-ку? Қоровул бўлиб ишлаб юрганида бир одам бу гиламни идора бошлиғига атаб, кўтариб келгон эрди. Тили чучуклик қилиб «пора» деёлмай, «совға» деган эди ўшанда. Бошлиқ нимадандир гумонсираб, гиламни олиб кетмаган, Гурилло эса «бошлиққа келмиш совғо табаррук бўлур», деб ўша туниёқ уни тинчитган эди. Бошлиқ «гилам қани?» деб сўрашга кўп оғиз жуфтлади-ю уялди шекилли... Ана ўша гилам энди бу ялангликда пайдо бўлиши қизиқ. Агар Гуриллони оқ сурпга эмас, шу гиламга ўраб кўмишганида ажабланмаса ҳам бўларди...

Гуриллонинг гилам ҳақидаги ўйлари узоққа бормади. Икки киши унинг икки қўлтиғидан олуб, гилам устида ўлтурғон чолнинг рўпарасидаги қоқ ерга судраб борди. Гурилло уларнинг амри ила тиз чўкди.

«Мен Мункар-накирман»,-деди қария.

Нима дейсан, яна янглишдимми? Ҳа-я, Мункар бошқа, Накир бошқа, девдинг-а? Тўхта, унда рўмонни бошқача қилурмиз. Шошилма, ўйлаб олай... Бўлди, топдим! «Сўроқ қилувчи чол» деб қўя қол. Бу ёғи ҳам зўр бўлди, эшит:
— Мен сўроқ қилувчи чолман,-деди қария.

«Росаям қарибди-ку, шунинг учун гурзи кўтаролмай қўйибди-да»-деб ўйламиш эрди Гурилло.

Бу ўйни ўйлаб улгурмай бошига оғир бир нарса урилиб, ҳушини йўқотди. Кўзларини очса, сўроқловчи чол унга тикилиб ўтирибди.

«Гурзи уришни жамоатчилик асосида бажаришадиган бўлишибди-да», деб ўйлади яна Гурилло.
— Сен бўлакча фикрлар ила чалғимай саволларимга аниқ-тиниқ жавоб қайтар. Қисматинг оғир. Устингдан кўп аризалар ёзилмишдир,-Қария шундай деб бир тўп қоғозлар орасидан бирин олди.-Биринчи ариза бандаи мўъмина Қорабой қизи Нафисадан. Ўқулсун!

Гурзи туширганлардан бири қоғозни чаққонлик ила олиб ўқимоқни бошлади:

«Аризагинамнинг асл мазмуни шулки, Гурилло Бадҳарфий исмлиқ зот мени бадном қилди. Суюклигимдан ажратди. Биров билан бир ёстиққа бош қўймай, ҳомиладор бўлдум. Аммо туққанимдан кейин Гурилло Бадҳарфий мени нафақа билан таъмин этмабдур».

Қария «бас» деб қўлини кўтарди.
— Хўш, гуноҳкор банда, айбингга иқрормисан?

Гурилло аввалига довдираб қолмишдир. «Бировни урганмисан ё сўкканмисан ё ҳақига хиёнат қилганмисан?» деб сўраса жавоб топиб берарди. Лекини бунақаси...
— Тақсир...-Гуриллонинг тили аранг гапга айланди,-Бўхтон бу. Юмалоқ хатчиларнинг иши бу. Мен хотинимдан бошқага... бормаганман. Биринчи хотинимга ўн беш йил олимиент аталмиш солиқ тўладум. Патталари бор эди, фақат... у ёқда қолган. Сўроқ бўлишини билганимда олволардим. Зарур бўлса, иложини қилиб бир-икки кунга чиқазворинг, айтган вақтингизда олиб тушаман.
— Гапни чувалаштирма! Айбингга иқрормисан?-деб ўшқирди чол.
— Йўқ, бунақа гуноҳ қилмаганман.

Бошига гурзи тушиб, яна ҳушини йўқотди. Ўзига келиб, кўзини очса, бояги хунук хотин ёнида ўлтурибди.
— Бу муслимани танирмусан?-деб сўради чол.
— Йўқ,-демиш Гурилло.

Яна бошига зўр бир гурзи тушмиш. Яна ҳушини йўқотмиш. Яна кўзларини очса, тумшуғининг тагида бир тўп қоғозлар турибди. Қараса, ўзи ёзган қоғозлар. Тепасига катта-катта қилиб «Баҳордаги муҳаббат рўмони», деб ёзиб қўйибди.
— Ўқи!-деб буюрди чол.

Гурилло яна гурзи еб қолмай, деган ҳадикда ўқий бошлади:
— Мўрчамиён қизнинг юрагида муҳаббатга ўхшаш аллақандайин ҳис ўркач-ўркач бўлиб куйдирарди. Юраги эса туяга ўхшаб лўкилларди. Бирдан у ўзини йигитнинг увада бағрига ташлади. Йигитнинг кўкрагидаги қалин жунлар уни маст қилиб қўйди. У ҳозир йигитнинг севмаслигини ҳам унутган, эртага фалсафадан имтиҳон топширишини эсидан чиқарган эди. У йигитнинг қучоғида мушук каби эркаланар, йигитннг ҳирси сўнмай туриб, кўкрагидаги жунларни майда қирқкокил қилиб ўриб олмоқлик учун пайт пойлар, қиз қилиб туққани учун онасига ғойибона раҳматлар айтарди. Тўғри-да, онаси адашиб ўғил қилиб туғиб қўйганида, бу лаззатлар қайда эди!? Ўттиз учинчи кокилни ўраётганида йигитнинг қўллари кутилмаганда ғалати ҳаракатлар қила бошлади. У жувонга айланганини сезмай ҳам қолди.
— Бас!-деди чол асабийлашиб.-Энди танидингму бу муслимани?
— Ахир бу... бу... бадиий тўқима-ку? Ҳамма шунақа тўқийди...-деб ўзини оқлади Гурилло.

Локигин чол унинг гапини эшитмади:
— Даъвойингни айт, Қорабой қизи Нафиса.

Хунук жувон йиғлаб туриб, дардини тўка бошлади:
— Мен бу кишининг асарларига кирганимдан мингдан минг пушаймон эрурман. Бундан кўраси оқибати фожиа билан тугайтурғон бирон атала асарга кируб, заҳар ичуб ўлғоним афзал эрди. Иложим қанча, шўрпешона эрконман. Рўмонларининг ўн учинчи саҳифасида мўрчамиён эрдим. Йигирма биринчи саҳифадан йигирма иккинчисига ўтар ерида қаддим «келишган дол» бўлиб букчайдим. Аввалига мужгонларим қайрилма эди. Кейин камон ўқига айланди. Қўй кўзларим шаҳло бўлди, учар отникидай бежирим оёқларим семиз сонларим дастидан юролмай ҳам қолди. Хуллас, ўзимнинг қанақалигимни билолмай, ҳалигача ҳайрондурман. Тешавойни яхши кўрардим. У ҳам мени севарди. Лекин Тешавой бирданига раиснинг қизига уйланиб олди. Мени институтдаги Ўроқвой деган домла илиб кетди. Қирқ тўртинчи бобда эримнинг оти Болтавой, касби домла эмас, қамалиб кетатурғон магазинчи бўлиб қолди. Ҳомиладор бўлганим майли, локигин боламни бошқаларга ўхшаб тўққиз ой қорнимда кўтариб юрсам бўлмасмиди? Йў-ўқ, уч ойда туғиб қўйганимни ўзим ҳам кейин билдим. Беш килоли болани қанақасига қийналмай туғдим, ўзимам ҳайронман. Туғруқхонада ётганимда болам қиз эди. Боғчага бораётганида Алпомишдай ўғил бўлиб қолди. Боламнинг отаси Ўроқвойми ё Болтавойми, аниқ эмас. Ўзимнинг афти-ангоримни киши танимас қилиб юбордилар, бунисига чидайман. Омма болани қанақасига орттирдим, шунисига жавоб берсинлар. Агар бу киши зўрламаганларида бунақа ишлар бўлмас эрди. Мен «Баҳордаги муҳаббат» деган рўмонга кирган барча қаҳрамонлар номидан даъвогар бўлиб келдум. Юзта даъвогарни Гурилло Бадҳарфий аро йўлда чала ёзганлари учун улар бу ерга етиб келолмадилар. Менинг Тешавойим... еттинчи бобда чимилдиққа кирганича ҳалиям чиққани йўқ...
— Шу гаплар ростми?! Қизни бадном қилганингга иқрормисан?-деб ўшқирди чол.
— Йўқ, тақсир, ахир емаган сомсага...

Бу жойда савол бериларкан-у жавоб охиригача тингланмас экан. Бошига гурзи тушгач, гапи тилида қолди. «Емаган сомсага пул тўлаш бу ерда ҳам бор экан-да», деган ўй хаёлига келди-ю ҳушидан кетди.

Э... Абдумалик аканинг ўғли, соатингга қара-чи? Оббо... роса чайналибман-ку, а? Энди қанот чиқариб уйга учишим керак. Самовор палов сенга буюра қолсин. Ҳархаша холанг бешик тўйидан қайтгунича ширгуруч қилиб қўйиш бўйнимга тушгон. Ҳархаша холанг ҳозир парҳезда, тўйдан оч келади. Айтмоқчи, ширгуручга туз солинармиди, билмайсанми? Оббо... Таваккал, бир чимдим соларман. Яна нима дейсан? Ие! Рўмоним ростанам ёқдими? Калака қилаётганинг йўқми? Ўйлаб топмадим, бу гапларни, Худо берди, мен тўқидим-қўйдим. Яна давомини тўқиб қўйганман. Эртага айтиб берарман-а?

Учинчи ҳангома

«Чойхона ҳам бор бўлсин!» дейдиган хотин мавжудмикин, бу дунёда. Қуёш ғарбдан чиқиб, мабодо шундай хотин топилиб қолса, мени айтди деявер, дунёдаги барча чойхоналарда унга ҳайкал қўйилади. Ҳозирча биз бевақт туғилғонмиз шекилли, чойхона борлиги учун Худога шукр қиладиргон хотин топилғонича йўқ. Мана, кеча салгина гапга берилибман. Шошиб-пишиб ширгуруч қилибман. Тамомий балога қолдим. Ҳархаша холанг бешик тўйига кетишдан олдин менга ширгуруч эмас, ширчой буюрган экан. Хуллас, ширгуруч пиширган мен-ку, локигин қарғишга чойхона қолди. Шу инсофданми? Ана, Толиб бедарвозанинг чойхонасини қарғасин, Дунёдаги итпашша-ю хира пашшаларнинг ҳаммаси ўша ерда. Бизнинг чойхонада нима айб? Айниқса, сен энди чиқиб ўрганаётганингда бу чойхона хотинимнинг қарғишига қолиб бир нима бўлса, мен бу дунёда қандай қилиб бош кўтариб юраман? Ҳа, ҳа, гапинг тўғри, номард одам хотинидан шикоят қилади. Бўпти, дамим ичимда. Фақат шу чойхонага бир нима бўлса, хотинимдан кўриб юрмаларинг. Мақсадга ўтайми? Хўп, кеча нималарни айтиб берувдим? Гурилло Бадҳарфийга бир хунук хотиннинг давъо қилгониними? Унда бугунгиси меравой гап бўлади. Эшит:

Шундай қилиб, нариги дунёдаги сўроқ қилғувчи чол иккинчи аризани чиқорди. Ҳарфларга кўз югуртирди-да, Гуриллога «аҳволинг чатоқ, омма баттар бўлмасанг розимасман», дегандай қараб қўйди. Кейин баланд овозда бақирди:
— Султон Мурод ибн Маъмур ибн Аҳмад!

Оломон орасидан кўриниши дарғазаб, юриши эса майинроқ бир одам чиқиб таъзим қилди. Ўзи эркагу, локигин таъзими эркакча бўлмади.
— Хўш, рўйхатда кўрсатган барча хотинларинг шу ердами?-деб сўради чол ундан.
— Ҳа, тақсир, ана улар.

Подшоҳ шундай деб нарида тўп бўлиб турган қирқ нозанинни кўрсатди. Чол уларга қараган эди, нозанинларнинг ўн еттитаси ишва билан жилмайиб қўйди. Чолнинг ўзи қари бўлгани билан кўнгли ёш эди, оёғининг тирноғигача зириллаб кетди.
— Демак, Гурилло Бадҳарфийда даъвоинг борми?-деб сўради нозанинларга тўйиб қараб олгач.
— Шундай.

«Мен шоҳлар замонида яшамаган бўлсам, уларга ёмонлик истамаган бўлсам, менда қанақасига даъвоси бўладур?»-деб ўйлади Гурилло.
— Хўш, Бадҳарфий, сен бу олий зотни танийсанми?-деб сўради сўроқловчи чол.
— Танимайман,-деди Гурилло дадил.
— Ҳой, малъун, энди танимай қолдингму? Бошимга шунчалар кулфатлар солиб-а?-деб нола қилди султон.
— Ўлай агар, танимайман,-деб қасам ичди Гурилло.
— Ўлиб бўлгансан, қасаминг ўтмайди,-деди чол.-«Шоҳ борки, хотин бор» деган рўмонни сен ёзганмисан?
— Ҳа, бир пайтлар ёзувдим... лекин босилиб чиқмагон.
— Султон Муродни сен яратганмисан? Унинг қирқта хотини бор эди, энди эсингга тушдими?
— Туш...ди,-Гуриллони беҳос ҳиқичоқ тутиб, дадил жавоб қайтара олмади.
— Ана, танишиб олдинглар. Ишни ўзаро тушуниш йўли билан ҳал қиламиз. Қани, подшоҳ ҳазратлари, даъвоингизни лўндароқ қилиб баён этинг.
— Подшоҳ бўлиб яралиш ҳаммага насиб этавермайди. Толеимдан ўргулай, деб дунёга келдум. Беш ёшумда подшоҳ бўлдум. Отамнинг кимлигидан, қандай йўқ бўлгонидидин бехабар эрурман. Сен отамнинг кимлигин билармидинг, малъун!?

Гурилло ҳуқуқ илмидан ҳам бохабар эрди. Шу боис дангал деди:
— Мен норозилик билдираман. Даъвогар жамоатчилик орасида обрўйимни тўкяпти!
— Бу ерда обрў деган гап йўқ. Жамоатчилик ҳам йўқ. Даъвогарнинг саволига аниқ жавоб бер.
— Отангнинг кимлигини, нима бўлганини мен қаердан биламан? Керак бўлса, уруғ-аймоғингдан сўраб-суриштирб олавер!
— Ана кўрдингизми, тақсир, бу муттаҳам шунақа тониб туради. Хўп, бунисига чидай. У менга дастлаб етти қасабали мамлакат берган эрди. Ерларимнинг у бошида кун чиқиб, бу бошида ботарди. Рўмонининг ярмига бормай, қасабаларим учта бўлиб қолибди. Хўш, малъун, тўртта қасабамни нима қилдинг?
— Еттиталигича турибди, ана, қўлёзмамга қара, кўчирғувчи хотуннинг айби бирлан «учта» деб кўчирилган.
— Ана, яна тоняпти бу малъун! Бир гўзал жононга ишқим тушган эрди. Мулозимларим уни ҳарамга киритишиб эрди. Қани ўша жонон? Нима учун мени ҳарамга киритмадинг, малъун?
— Қанақа, подшоҳсан, эсинг жойидами ўзи?-деди Гурилло ғазабланиб.-Ўша куни чет эл делегасиясини қабул қилишинг керак эди. Ҳарамда бало борми сенга? Биттасига кирмаган бўлсанг, ана, қирқтасини бериб қўйибман-ку?
— Қирқтасини бермай ўл, сен жувонмарг! Қирқта жононнинг кўнглини ола билишим учун мени қароқчилар тўдасида тарбиялашинг керак эди. Сен мени кимнинг ҳовлисида катта қилдинг, малъунгина?! Майдақадамларни қаердан топа қолдинг, балогинага учрагур!
— Феодал жамиятда бўлган бунақалар, мен ўйлаб топмаганман...
— Ҳув, овозинг ўчсун! Бу қирқ жонон менга насиб бўлмади,- подшоҳ шундай деб пешонасига қарсиллатиб урди.-Ҳаммаси мулозимларим билан дон олишадур, учраган эркакка қош қоқадур. Ана, ҳозир ҳам ишва қилишяпти.
— Ҳай-ҳай!-сўроқловчи чол сири ошкор бўлгандай сапчиб кетди.-Мавзудан четлашманг!
— Муддаога ўтсам, у бегуноҳ одамларнинг дарё-дарё қонини оқизишга мени мажбур қилди.
— Бу менинг истагим эмас, жамият...
— Жим бўл! Сен мени қирқта хотинга уйланишга мажбур қилдинг!
— Ҳамма подшоларда қирқтадан хотин бўлган...
— Ахир менга биттаси ҳам етарди!

Подшо шундай деб йиғлаб юборгон эрди, сўроқловчи чол унга валидол бериб, тинчлантирди. Бу ерга валидол қандай тушиб қолди, Гурилло билмайди, очиғини айтсам, ўзим ҳам билмайман. Тинчитишнинг бошқача йўли бўлса, ўзинг тўғрилаб ёзарсан.
— Яхши, яхши,-деди чол подшоҳни тинчитгач,-талабингизни айтинг, дўзахда куйдирайликми?
— Йўқ, йўқ, куйдирманг тақсир! Ана, кўряпсизми, хотинлар имлашяпти. Ҳаммасини ўзи никоҳлаб олиб, жабрини ҳам ўзи тортсун. Мени шу хотинлардан халос қилсангиз бас...

Подшоҳ шундай деб ҳиқиллаб йиғлай бошлади. Гурилло «Шунча хотин менга ҳам керакмас», деган эди, бошига гурзи тушди...

Нима дейсан, Абдумалик аканинг ўғли, Гурилло Бадҳарфийнинг у дунёдаги ҳаётини қотириб тўқибманми? Энди менга тан берасанми? Хоҳласанг, яна тўқиб ташлайвераман. Хоҳламайсанми? Шунинг ўзи кўнглингни алағда қилдими? Вой, найнов-э! Кеча мақтаётувдинг-ку? Бўпти, сенга ёқмаса ҳам ана, чойхонадагилар эшитиб икки марта кулишди. Менга шуниси ҳисоб. Айтганларимдаги биттаям ҳарфни ўзгартирмай, қоғозга ёзгин-у газнитга бер. Ҳа, айтиб қўй, уларингга, қалам ҳақидан уриб қолишмасин. Берадигани бир кило гўштга етмаса, ёзғувчилигингни ҳам ташлайман. Кеча баққолликка ўтсам, шерикларим бирни бирга уриштириб, ўнни олишяпти. Маним фидойи эканлиғимни билиб қўй. Ука, ҳа!

ЖЎРЖ тоғамизнинг айтганларини аслича қилиб қоғозга туширдим-у яна ўйлаб қолдим. Тўқиган ҳангомалари нашр қилинмаса, қалам ҳақи олмаса ёзувчиликни ташлар экан. Шундай қилгани сизга маъқул. Адабиёт майдонида ивирсиб юрганларнинг биттаси камаяди, деб қувонарсиз. Лекин менга қийин. Маҳаллада бош кўтариб юролмайман. Кўчиб кетишимга тўғри келади. Қаёққа кўчаман? Агар уч қаватли, бир юз ўн икки хонадан иборат, ҳовлиси ўн икки сотихдан кам бўлмаган ортиқча уйингизни менга берадиган бўлсангиз, майли, шунинг эвазига ЖЎРЖ тоғамизни адабиётдан безитиб, четлатиш биздан. Келишдикми?