OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

1 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифТоҳир Малик
Асар номиБозор дарслиги (ҳажвия)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Ҳажв
Муаллифлар
   - Тоҳир Малик
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳажвиялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм7KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/10/05
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Бозор дарслиги (ҳажвия)
Тоҳир Малик

«
Паттачининг сандиғидаги ҳангома
»

Санқул қишлоғида тинчгина юрувди. Қайси шайтон юрагига ғулғула солди-ю шаҳарда ишлашга ошиқиб қолди. Хотини «мол дўхтирига шаҳарда нима бор?» деб дийдиё қилса, «шаҳарда мол йўқ деб ўйлайсанми, менга аталган бирон иш бордир», деганича жўнаворди. Шаҳардан қўним топган ҳамқишлоқлари уни кутиб олишиб, иш танлай бошлашди. Охири: «касбинг табобатга яқин, бозорда ишлайсан», деган тўхтамга келишди.

- Мол бозоридами?-деди суюниб Санқул.

- Йўқ, мол бозоридаги ўрин банд. У ерда иши юришмаган шоир ошнамиз ишлаяпти. Молларнинг думидан анча-мунча илҳом оларкан, унга тегиб бўлмайди. Сен деҳқон бозорида ишлайсан.

- У ерда нима қиламан, паттачиликми?-деб сўради Санқул.

- Шу илминг билан сени паттачиликка қўйсак, иснодга қолмаймизми? «Сан-эпид назорати» деган касбни эшитгандирсан?

- Ҳа, оз-моз ўқиганман, айни мен боп иш,-деди Санқул қувониб.

- Ўқиган бўлсанг, ўқигандирсан. Лекин ўқиганларинг китобингда тура турсин. Бу бозорнинг китоби бошқа. Уларнинг ўзлари сени аввал яхшилаб ўқитишади. Улар чизган чизиқдан чиқмасанг, бўлгани,-деб қаттиқ тайинлашди.

Санқул бу насиҳатни қулоғига олиб, ишга борди. Қиладиган ишининг китобини ҳам ўқитишди. Ўқиш жараёни бундай бўлди:

- Деҳқон тонг чоғи бозорга қовун-тарвуз олиб келганда, сиз нима қиласиз?-деб сўрашди.

- Таркибини текшираман, кимёвий моддалар даражасини аниқлайман,-деди Санқул донолик билан.

- Даражаси ортиқ бўлса-чи?-деб сўрашди.

- Сотишга рухсат бермайман,-деди Санқул дадиллик билан.

- Нега?

- Китобда шунақа ёзилган.

- Китобингизга амал қилсангиз, бозорни ёпишга тўғри келади. Сиз у китобни тамоман унутинг. Бизнинг китобдаги қоида бўйича сиз кўзингизни чирт юмасиз-у сотишга рухсатнома берасиз.

Соддалик қурсин-а, Санқул: «унақада одамлар касал бўлиб қолишади-ку?» деб донолик қилиб ишдан айрилишига салгина қолди. Уни тавсия қилган дўстларининг ҳурмати бор экан, ҳайдашмади, аксинча сабот билан тушунтиришди:

- Ким қовун еб касал бўлса яна яхши. Дўхтирга боради. Баҳонада дўхтирнинг ҳам тирикчилиги битади. Дўхтир дори ёзиб беради. Дорихонанинг ҳам тирикчилиги ўтади. Кўрдингизми, қанча одамга фойда?

Санқул «бу ёқда гўрковнинг ҳам тирикчилиги бор», деб луқма ташламоқчи бўлди-ю «Менга нима? Муҳими - ўзимнинг тирикчилигим», деб тилини тийди. Ундан яна сўрадилар:

- Гўшт бозорига ўтганда нима қиласиз?

- Гўштларнинг тоза-покизалигини текшираман,-деди Санқул яна соддалик билан.

- Бунақа қилишингиз ҳечам шарт эмас,-дейишди улар аччиқланиб. Кейин дона-дона қилиб тушунтиришди:-Гўшт бўлимига ўтганингизда кўзингизни юмасиз, бурнингизни беркитасиз. Эскириб кетган гўштларга қарамайсиз. Бадбўйини хидламайсиз, кир-чир араваларда ташилаётган гўштларга ҳам қарамайсиз-у «ярим соат олдин сўйилган тоза гўшт», деб сотишга рухсат берасиз. Ҳаром ўлган жониворларнинг гўштларига ҳам у-бу деб ўтирманг. Колбасачилар бор, сомсачилар бор, пинҳона олиб кетишади, иси чиқмайди. Билиб қўйинг: ҳар бир кўз юмушингизнинг, бурун беркитишингизнинг ўзига яраша нархи бор. Сиз шу нарсани адаштириб юбормасангиз бўлгани. Табиблар билан кинначилар «қўл ҳаққи» олишади. Сизники «кўз ҳаққи» бўлади.

Санқул бозорнинг янги қоида китобини тез кунда ўзлаштириб олди. Фақат бир иш сал ғалатироқ бўлди. Санқулнинг чўнтаги пул кўргач, уйига бориб келди. Қишлоғига кириши билан одамлар унга қараб ажабланишди. Ажабланмасинларми, яқиндагина шаҳарга кетаётганида кўзлари очиқ эди. Энди юмиб юрибди. Одамнинг пули кўпайса, бурни кўтариларди, бунинг кўзлари юмилиб қолибди. Шаҳардаги ишлардан бехабар ҳамқишлоқлари «тарки одат -амри маҳол» деган гапни унутишгани учун ҳам ҳар ҳил тахминлар қилишди.

Биз ҳам Санқулнинг кўзларини юмиб юрганини кўрдик. «Балки қилган ишларидан уялиб, ҳамқишлоқлари кўзларига қарашга ботинолмаётгандир?» деб ўйладик. Яна Худо билади.