OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

1 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифТоҳир Малик
Асар номиДаврон (қисса)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Тоҳир Малик
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Қиссалар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм242KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2011/07/22
Манбаhttp://forum.ziyouz.com/ind...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Даврон (қисса)
Тоҳир Малик

«
— Сен билан мен ҳатто у дунёда ҳам кўришмасак керак. Нимага шундай экан?
— Феълимиз бошқа-бошқа.
— Феъл эмас, дунёқараш, дегин. Қизиқ, икковимиз ҳам одам боласимиз, лекин кўринишимиз ўхшамайди. Икковимизда ҳам салкам уч килолик мия бор, бироқ, бошқа-бошқа фикрлаймиз. Ҳатто касбимиз бир, аммо тутган йўлимиз айри. Ҳамма гап ана шу танланган йўлда бўлса керак. Икковимиз поезд йўлидаги иккита релсдамиз. Кетаверамиз, кетаверамиз, йўлимиз эса сира кесишмайди.
— Бунга ҳожат бормикин?
»

Муқаддима

Уларнинг чорбоғлари бир-бирига туташ, девор ўрнига қатор олча экилганди. Чиройда тенги йўқ бўлиб етишиб бораётган сарвқад қиз ҳам, паҳлавон келбатли йигит ҳам қош қорайиб, уйдагилари уйқуга кетгач, шу олчалар пойига ошиқар эдилар. Бу тун нечундир йигит ҳаяллади. Қиз баргларнинг сирли шивирлашига қулоқ тутиб узоқ ўтирди. Барглар шабадада шунчаки титраяптимикин ёки ўзларининг тилида суҳбат қуряптимикин? «Суҳбат... Ҳамма ўзича гаплашади. Ҳайвонлар ҳам ўзича тиллашади. Одамлар уларнинг сўзларига тушунмайдилар. Бу худонинг иродаси. Аммо... бир хил тилда сўзлашувчи одам зоти ҳам баъзан бир-бирини тушунмай қолади-ку? Бу ҳам Тангрининг иродасимикин ё одам зотининг ақли қосирлигими? Ажаб... Белга уриб қолган ўт-ўланлар ҳам сўзлашаётганга ўхшайди. Балки улар ҳам бир-бирини яхши кўрар, розини айтар... Йўғ-э, ахир улар жонли эмас-ку? Нимага, у бечораларнинг ҳам жони бор. Баҳорда кўкаради, ёзда яшнайди, кузакда эса қурийди. Ўладими, демак жони бор. Фақат умри қисқа. Дунёнинг яралиши ажабтовур...»

Шарпа сезилиб, қизнинг хаёли бўлинди. Унинг кўзлари йигитни қоронғида ҳам илғашга кўникиб қолган...

Улар кичкина ариқ лабига ўтирдилар. Жим қолдилар. Йигит хўрсиниб қўйди. Ошиқ-маъшуқлар фақат бир-бирларига термилиш, хўрсиниш учунгина фурсат танламайдилар. Юракларидаги сурур кўп ҳолларда андишадан устун чиқади. Аммо бу тун йигит қалбидаги, вужудидаги ғалаён жиловда. Унинг ичига чироқ ёқса ёримайди. Шу боис жимгина, майлини сукутга бериб ўтирди. Ниҳоят, йигит сўз очди:
— Янгиликни эшитганингиз бордир?
— Қулоғимга чалинди, — деди қиз. — Бу қарорнинг сабабини тузук англамадим.
— Биз, акам-отам, учовлон бўлиб не заҳмат билан безак ишласаг-у, роҳатини бойтоға кўрса? У безакларни подшоҳи оламга ўз номидан ўтказар экан. Бойтоғанинг қўлидан ҳеч бир иш келмаслигини била туриб унга таҳсинлар ўқийдилар, зарга ўрайдилар, марҳаматларини аямайдилар. Бизнинг оҳимизни ҳеч бир зот эшитмайди. Энди бўлак шаҳристонга кетамиз.
— Мени ўйламайсизми?
— Отамга айтишни ихтиёр қиляпман. Аммо сиз томондан бўладирган ризоликка умид йўқ. Ризо бўлишармикин?
— Невлай?

Яна жим қолишди. Ариқдаги сув шилдирамайди. Гўё кўкмак ўтлар қилвир қўллари билан сувни жиловлаб, бўғзига чанг урганлар.

Қиз ҳам, йигит ҳам орзу-умидларининг бир умр амалга ошмаслигини яхши билишарди. Айниқса қизнинг акаси бойтоғанинг тўнғичини бўғизлаб қўйгач, тақдирнинг аёвсиз амри олдига тиз чўкишдан ўзга чоралари йўқлигини англаб етдилар. Бойтоға фарзандининг қони учун хун талаб қиларди. Қизнинг отаси бор мулкини беришга тайёр эди. Аммо бойтоға мулкка муҳтож эмас — хун эвазига қотилнинг синглисини олмоқчи эди. Унинг ўғли шу қизга етишаман, деб ножўя қадам ташлаб, нопок нияти учун жонидан жудо бўлган эди. Не ажабки, бойтоғанинг илинжи ҳам шу қизда экан. Ёруғ оламда бундан зиёд қабиҳлик йўқдир. Ошиқ-маъшуқлар бойтоғанинг талабларидан огоҳ бўлсалар-да, бу хусусда сўз очмайдилар. Ҳар бири пинҳона дард чекади. Бу дилпоралик етишмагандек бугун йигитнинг отаси ўзга шаҳристонга кўчишни ихтиёр қилди...

Қиз тиззасини қучганича юлдузларга қаради:
— Юлдуз учяпти, — деди у синиқ овоз билан.
— Кимнингдир жони узилди, — деди йигит осмонга қараб олиб.
— Қаранг-а, у ўчмаяпти.
— Ҳа. Ўчмаяпти. Воажаб! Не сир экан?

Улар кўзларини узмай учар юлдузга қараб қолдилар. Шабада турди. Қиз сесканди. Йигит уни бағрига олди.
— Қўрқяпман, — деди қиз.
— Катта одам ўляпти шекилли, — деди йигит, — жон бериши оғир ўтяпти.

Учаётган юлдузнинг фалакда қолдираётган нурли изи тобора катталашиб борар, сўнишидан дарак йўқ эди. Яна бир қанча фурсат шундай ўтирдилар. Кейин қиз қўрқиб уйи томон кетди. Йигит ҳам изига қайтди. Айвон устунига суянганича юлдузга тикилиб турди. Сўнг акасини, отасини уйғотди. Улар ҳам ҳайрат билан узоқ вақт туриб қолдилар. Бу орада шаҳар аҳли аста уйғона бошлади.

Ярим тунда ёнар юлдуз анча катталашган, шаҳристонда саросима бошланган эди. Одамлар кўчаларга чиққан, гулханлар ёқилган, ибодат ва илтижо авжида эди. Шамол ҳам кучайиб чанг-тўзон кўтарилганди.

Юлдуз катталашгач, унга қараш мумкин бўлмай қолди. Одамлар орасида «Қуёш узилиб тушяпти», деган ваҳима тарқалди. Юлдузнинг катталиги бир қулочга етганда нимадир қаттиқ қарсиллади. Ер қимирлади. Ҳаммаёқ ёришиб кетди. Шаҳристонни дод-фарёд босди. Ер янада қаттиқроқ силкинди. Дарахтлар қирсиллаб, эгилиб бораверди. Дам ўтмай замин мавжланаётган денгиз тўлқини сингари чайқала бошлади. Бир нафасда тубсиз жарликлар пайдо бўлди. Қандайдир бир куч мажнунтолга ўхшаб қолган дарахтларни илдизи билан қўпориб ташларди. Ерга яқинлашаётган юлдузнинг ёруғи кўзларнинг нурини кесди. Ҳаммаёқ сариқ тусга кирди. Яна нимадир қаттиқ қарсиллади. Шу тобнинг ўзида чор атроф бирдан жимиб қолди. Дод-фарёдлар тинди. Паноҳ истаб югураётган, бир-бирининг пинжига кириб дир-дир титраётганлар ҳам, бешигини маҳкам қучган аёл ҳам, босиб тушган айвон остида қолган онасини тортаётган йигит ҳам — ҳаракатдаги буткул жондорлар, ҳатто дов-дарахтлар ҳам тошдек қотдилар. Фақат бир нарсанинг кучли гувиллаши узоқ эшитилиб турди.

Гувиллаш тиниб, ер қимирлаш тўхтаб, узоқдаги «оловли юлдуз» сўнганида қуёш терак бўйи кўтарилган эди. Шаҳристон харобага, одамлар сариқ тошларга айланганди.

Олов пуркаган юлдуз ўрнида тухумни эслатувчи бир буюм — олис сайёра элчиларининг кемаси қорайиб турар эди.

Шу воқеадан сўнг қуёш икки қайта заминни ёритиб, икки марта мағриб сари бош қўйди. Учинчи бор машриқни қизартириб кўтарилар чоғида қорайиб турган тухумсимон кема атрофида ҳаракат сезилди. Аввалига уч қулоч келадиган чигирткасимон темир махлуқ — узоқдан туриб бошқарилувчи сайёрапой кўринди. У то қош қорайгунча ён-атрофда изғиб юрди. Кейин изига қайтди. Кеманинг юмалоқ туйнукчаларида нур кўринди.

Эртасига тонг отарда сайёрапой чиққан каттароқ туйнук оғзида худди одамга ўхшовчи, лекин одамдан бир неча карра баланд ва қорувли, бошига саватсимон шаффоф шиша қўндирган, ўзидан кўзни олгулик нур таратувчи икки кимса кўринди. Улар эҳтиётлик билан бир неча қадам илгари босишди.
— Кив, — деди сал олдинда бораётгани, — ҳисобда янглишганга ўхшаймиз. Қўнадиган майдонимиз бундай қаттиқ эмас, ўзимизнинг Унетдагидай юмшоқ тупроқли бўлиши керак эди.
— Ҳа, — деди Кив атрофга аланглаб, — ранги ҳам бўлакча. Бизга қорамтир бўлиб кўринган эди. Сариқлигига ажабланяпман. Унетдан кузатганимизда бу сўниқ юлдуз хира нур таратган эди. Агар юлдузнинг бутун сатҳи сариқ бўлса, Рекнинг гапи тўғри бўлиб чиқади. Унетликлар учун мос ерни бошқа юлдузлардан излаш керак бўлади.

Энди улар дадилроқ қадам қўйдилар. Юлдуз қўнган ернинг атрофида дов-дарахтлардан ҳам нишон қолмаган эди. Улар илгарилаганлари сари битта-яримта дарахтга дуч кела бошладилар. Кив сариқ тошга айланган баҳайбат чинор қаршисида туриб қолди.
— Ниг, буни қара, нимага ўхшайди? — деди ҳамроҳига.

Ниг чинорга яқинлашиб болғачасини чиқарди-да, дарахтнинг эгилиб турган шохларига уриб-уриб кўрди.
— Ажаб, тошнинг бу хил тасвирига тушуниш қийин. Бу менга Унетни эслатяпти. Анави томонга қара, бундай тошлар жуда кўп-ку!

Улар ҳаракатсиз қолган шаҳарга яқинлашиб келардилар. Жонсиз буюмлар уларга ўз сайёраларини эслатарди — бу жойлар гўё улар яшайдиган сайёранинг жонсиз тасвири эди. Тиз чўкканича қўлларини баланд кўтариб Худога нола қилаётган ҳолда сариқ тошга айланган дастлабки одамни кўргач, Ниг чап қўлини кўтарди. Орқароқда келаётган Кив тўхтади.
— Бу бизнинг тошдаги тасвиримиз-ку? — деди у ҳайрат билан.

Ниг яна болғачаси билан тош одамга яқинлашди. Унинг ингичка бармоқларидан бирини уриб синдириб олди. Уни кафтига қўйиб яна болғача билан урди. Бармоқ сопол сингари майдаланди.
— Кив, биз янглишмаганмиз. Бу ерда ҳаёт бўлган. Балки ҳаёт кечиришга шароит қолмагач, бу хира юлдузни тарк этгандирлар. Манави тасвирларни эса ёдгорлик сифатида қолдиргандирлар?
— Гапингда жон бор. Булардан бир нечасини далил сифатида олиб кетишимиз керак.
— Албатта. Қайтишда оламиз.

... Бу шаҳристонга «оловли юлдуз» тушганидан хабар топган қўшни мамлакат ҳукмдори бир қанча фозилларни тўплаб шу томонга юборди. Улар уч кунлик йўлдан сўнг ернинг тобора сарғайиб, қаттиқлашиб бораётганини сездилар. Ер туёқлар зарбидан жаранглай бошлади. Фозиллар олға юришни ҳам, қайтишни ҳам билмай тўхтаб қолишди.
— Бу ерларга Худонинг қарғиши тегибди, бўлак қадам босмаслигимиз керак, — деди уларнинг бири.
— Аммо, шаҳристонда нима гаплигини билмай қайтмоққа ҳуқуқимиз йўқ.
— Шаҳристон ҳам балки бутунича тошга айлангандир. Шундай деб қайтаверамиз.

Улар тунни шу ерда ўтказиб тонгда бир маслаҳатга келамиз, деб қарор қилдилар. Сўл томонда сарғайиб турган кимсасиз бостирма уларга бошпана бўлди. Тўрт чоғли ёши улуғроқ фозил уй ичига, олти чоғли ёш эса очиқ ҳавога жой қилдилар.

Ярим тунда уй ёришиб, қуш уйқусида ётган фозиллар уйғониб кетишди. Ташқарига қарашди. Баланд бўйли, ўзидан нур таратиб турган икки кимсани кўриб ҳаммалари дуо ўқимоққа тутиндилар. Нурли одамларнинг уй томонга яқинлашганини сезиб, тўртовлон ўзини девор панасига олди.

Ҳовлида ётганлар ҳам уйғониб кетишди. Чўчиб ўрнидан турган икки йигит ўша заҳоти тош бўлиб қотди. Буни кўриб бошқаларининг туришга юраги дов бермади.

Кив билан Ниг икки йигитнинг сакраб турганини сезиб шу томонга юрдилар. Лекин уларнинг ҳам жонсиз тош эканини кўриб ажабланишди.
— Назаримда улар ҳозир ҳаракат қилгандай бўлишган эди, — деди Ниг.
— Менга ҳам шундай кўринди. Манавиларни қара, булар ётишибди. Улар ҳам тош. Бу юлдузда жонли мавжудот йўқ кўринади. Бу тошларни ҳайкал десак, тартибсиз сочилиб ётиши ажабланарли.
— Сирли жумбоқ ичига тушиб қолганга ўхшаймиз. Энди кемага қайтамиз. Бу ёғига пиёда юриш хавфли. Вақт ҳам кўп кетади. Саёҳатни сайёрапойда давом эттирамиз.

Улар шундай деб орқага қайтдилар.

Нур узоқлашиб қоронғилик чўккач, уйдагилар бош кўтаришга журъат қилдилар. Фақат деворга орқа қилиб ўтирган фозилгина қимирламади. Фозиллардан бири уни аста туртиб ўзига келтирмоқчи бўлди-ю, қўрқув билан хунук бир овоз чиқариб жим қолди: қария тошга айланган эди. Шу кўйи улар тонгга қадар дуойи афсун ўқиб ўтирдилар. Кун ёришгач, ташқарига чиқишга ботиндилар. Тошга айланган йигитларни, кейин ҳайкалдай қотиб турган отларни кўрдилар-у, оёқни қўлга олиб изларига қайтдилар.

Кўп азобли, уқубатли йўлдан сўнг манзилларига етиб келдилар. Кўрганларини чала-ярим айтиб, кўрпа-ёстиқ қилиб ётдилар. Сал қувватга кириб юра бошлаган чоғларида уччовлари тўппа-тўсатдан бир кунда ўлиб қолдилар...

Ниг билан Кив жонли мавжудот учратишдан умидларини уздилар. Унетдан туриб олиб борилган кузатишлар бу хира юлдузда органик бирикмалар мавжудлигини, бу моддаларнинг эришига мос суюқлик ҳам борлигини бир неча карра тасдиқлаган эди. Молекуляр комплексларнинг вужудга келиши учун зарур бўлган бу икки омил уларда умид уйғотган, узоқ сафарга отлантирган эди. Умидлари синган элчилар сафарларини ноилож тўхтатиб, кемага икки тош одамни олиб чиқдилар.

Ер яна қаттиқ силкинди. Қорайиб турган тухумсимон кема остида олов кўринди. Тупроқ ўйилиб ҳар томонга отилди. Ўлик шаҳар устини ғубор қоплади.

Орадан йиллар ўтди. Аммо ҳеч кимса бу жонсиз шаҳристонга яқинлашишга журъат этолмади. Юрак бетлаб қадам босганлар ҳам кўп ўтмай тўсатдан ўлиб қолавердилар. «Худонинг тавқи лаънати босилган» бу ер кимсасиз ва унут бўлиб кетди.

Беаёв йиллар шамоли бу воқеаларни одамлар ёдидан аста-секинлик билан ўчириб ҳақиқат юзига афсона ниқобини тортди. «Ўлик» шаҳарни эса тупроқ зарралари билан кўмиб ташлади. Сўнгра бўлиб ўтган даҳшатли воқеалардан бехабар одамлар яна бу томонларга силжиб келавердилар. Бир неча одам бўйи тупроқ остига кўмилган шаҳар устида қайта ҳаёт бошланди. Бу ерга қўноқ бўлганларнинг неча-неча авлоди оёғи остида ажабтовур воқеаларнинг гувоҳи бўлмиш «тилла ҳайкаллар» борлигини билмай ўтди.

Йигирманчи асрнинг сўнгги чорагида амалиётчи талабалар келиб қолмаганда балки йиллар ғубори остидаги сирлар яна аллақанча вақт очилмай ётар эди.

Вакил

Дотсент Бекмирзаевни қабрга қўйиб қайтаётганларида баъзилар унинг қисматига ачиниб «Ўзини ўтга-чўғга уравериб жувонмарг бўлди. Кейинги қазишмалари ҳам беҳуда эди», дейишди. «Бекмирзаевнинг Ёзёвондаги ишини тўхтатиш керак», деган гаплар ҳам худди шу дафн маросимида айтили. Аммо бу шунчаки гап, ҳали раҳбарлар бир қарорга келишмаган эди. Шунинг учун дотсент Бекмирзаевнинг Ёзёвондаги ишларига кўмак бераётган шогирди Даврон Ҳасанов зудлик билан орқага қайтди. Ёзёвоннинг кунботар томонини эгаллаб ётган ердаги қазишма ишлари чала эди. Дотсент Бекмирзаев шу ерда ишчилар билан чақчақлашиб ўтириб бирдан юрагини ушлади-ю, тили ҳам сўзга келмай жони узилди. Биров, гарчи ҳожати бўлмаса-да, «Тез ёрдам»га югурди. Даврон эса бу машъум хабарни марказга етказди. «Тез ёрдам» бир соатга қолмай етиб келди.
— Бемор қани? — деди оқ халатли ёш йигит машинадан туша солиб. Одатда врач келганда ҳамма унга пешвоз чиқарди. Бу ердагилар эса эътибор ҳам қилишмади. Фақат Даврон унга бир қараб олиб «Бемор йўқ», деди. Врач гангиб қолди.
— Тушунолмаяпман. Ахир менга...
— Анча кечикдингиз.
— А? Машинамиз йўлда... — Врач одамларга қараб тушунтиришнинг ортиқча эканини билди. — Ўзи нима бўлди?
— Сивилизатсия шарофати. Сизларнинг тилингиз билан айтганда — ишемик аср!
— Тушунарли. Кечиккан бўлсам ҳам беморни... марҳумни кўришим керак.
— Марҳамат, — Даврон уни шу атрофдаги ягона дарахт остига тикилган тўрт кишилик чодир томонга бошлади...

Даврон машинадан тушиши билан шу воқеалар яна қайта кўз олдида тикланди. Чодирлар йиғилмабди. Қазув анжомлари ҳам тартиб билан терилганча турибди. Давроннинг кўзи катта чодирга тушди-ю, яраси янгиланди. Устозининг сўнгги онларини эслаб юраги эзилди.

Ўн беш кун ўтмай марказдан ишни тўхтатиш ҳақида кўрсатма келди. Даврон дотсент Бекмирзаевнинг тахмин-ҳисоблари, ўзининг мулоҳазаларини баён этиб ишни давом эттиришга рухсат беришларини сўраб хат ёзиб юборди. Бир ҳафтадан сўнг энг сўнгги расм-русмларни ўрнига қўйиб кийинган, қошлари қизларникидай ингичка, худди шу қошлардан андоза олгандай ингичка мўйлаб қўйган, қадди тик йигит Ниёз Мансуров — Давроннинг курсдоши етиб келди. Даврон уни узоқдан кўрибоқ ҳафсаласи пир бўлди. Археологияга мутлақо бегона бу йигитнинг маълум бир чуқур илдизлар орқали озиқланиб бу соҳада юриши фақат унга эмас, бошқаларга ҳам малол келарди. Аммо бу олқиндининг кавушини тўғрилашни ҳеч ким удда қилолмасди. Даврон у билан беш йил бирга ўқиб, баъзан амалий ишларда, баъзан пахта теримида бирга бўлиб унинг эгилганини, тупроқ тортганини ё бир чаноқ пахтани этакка солганини, умуман коржома кийганини кўрган эмас. Шунга қарамай у дипломга эришди. Ёзёвондаги қазишма тақдирини бир ёқлик қилиш учун юборилганидан маълумки, ишлари ҳам чакки эмас.

Давроннинг назарида Ниёз оддий одамлар сингари яшамас эди. У ҳаётни улкан театр деб билиб артистлик қиларди. Тўғри, дунёни бундай кишилар масаласида ғариб деб бўлмайди. Шундай экан, Ниёз сўппайиб қолган артист ҳам эмас. «Ҳаёт театри»нинг яна бир жиҳати борки, унда рол ўйнаётганларнинг айримлари ниқобсиз, гримсиз ҳаракат қилади. Бундайлардан фақат нафратланасан-у, аммо у қадар хавотирланмайсан. Айримлари эса ботинан ниқобланган бўлади. Булардан нафратланишни билмайсан. Чунки зимдан иш кўрувчи одамга зимдан нафрат билдириш беҳуда. У билан дўст бўлишни ҳам, бўлмасликни ҳам билмай гангиб юрасан. Ниёз худди шу тоифадан. Бир кунда ўнта одам билан учрашса, ўн хил ниқобда, ўн хил муомала қилади. Қай гапи самимий, қай гапи сохта эканини худоси ажратиб бермаса, бандаси ҳал қилиши мушкул.

Ниёз Давронни кўриши билан қулочини кенг ёйиб келди-ю, аммо қўл бериб кўришди. Вазиятни аниқлаш учун вакил сифатида ташриф буюрганини маълум қилиб ишлар билан танишиш истагини билдирди. Даврон уни атайин тупроғи кўпчиб ётган йўлдан бошлади.

Паст бўйли, тўладан келган Даврон илдам одимлайди. Ниёз эса худди портловчи моддани босиб олишдан қўрққандай эҳтиётлик билан қадам босади. У Давроннинг ортидан бир оз юриб дўнгликка чиқди-да, тупроққа қоришган шимининг почасини қоқиб тўхтади.
— Мени қаёққа бошлаяпсан? Юмронқозиққа ўхшаб ўйиб ётганларингни кўриб турибман. Менга топилган нарсаларни кўрсат.
— Институтда кўрмадингми?
— Беш-олтита сопол парчасини кўрдим, — деди Ниёз истеҳзо билан.
— Афросиёбни қазишаётганда ҳам дастлаб сопол парчалари чиққан, дейишади? — Даврон ҳамроҳининг истеҳзосига киноя билан жавоб берди. Ниёз ён чўнтагидан сигара олиб лабига қистирди. Аммо ўт олдирмади. Унинг бундай виқор билан туриши илм оламининг вакилини эмас, балки гангстерлар бошлиғини эслатарди. Ниёз атрофни кузатган бўлиб индамай турди. Кейин сигаранинг учини тишлаб ташлади-да, тутатди.
— Афросиёбни, дейсанми? — У сигарага ҳали унча ўрганмаганмиди ёки қаттиқроқ тортиб юбордими, ҳар нечук йўтали тутиб сўзини давом эттиролмади.
— Ҳатто Помпеяда ҳам, — деди Даврон яна киноя оҳанги билан.

Ниёз сигарани қутисига жойлаб, чўнтагига солди.
— Помпея билан Афросиёбнинг вақти ўтди, ошна. Сен билан менинг чекимга бундай зўр ишлар тушмаган. Шунинг учун кўрпага қараб оёқ узатиб юравериш керак. Оғримаган бошни оғритишдан нима фойда?
— Агар одамда бош бўлса оғриб тургани ҳам маъқул. Баъзилариники бутунлай оғримайди, дейишади. Улар бошлари борлигини ҳам унутиб қўйишса керак...

Ниёз Давроннинг нимага шама қилаётганини тушуниб, қошларини чимирганича қараб қўйди.
— Илмий кенгаш маълумотларингда арзирли фикр йўқ, деган қарорга келибди.
— Айрим билимдон ўртоқлар шундай деб илмий кенгашни чалғитгандир?

Даврон энди Ниёзнинг «илдизини» — раҳбарлик лавозимларидан бирини эгаллаб турувчи қариндошини назарда тутган эди.
— Мен бу ерга айрим одамларнинг истаги билан келганим йўқ.
— Агар илмий кенгаш сен айтган қарорда бўлганида қадам ранжида қилишингга мутлақо ҳожат қолмасди. Ишни тўхтатиш ҳақида қатъий буйруқ юборишарди. Шундай эмасми?
— Балки... Лекин мен ёмон ниятда келганим йўқ. Пичингсиз гаплашсак бўлаверади. Сен мени ёқтирмайсан, буни яхши биламан. Мен ҳам сени кўрай, деб соғиниб келмаганман. Буни ўзинг тушуниб турибсан. Шундай экан, эркак кишининг очиқчасига гаплашгани дуруст. Ўртамизда қарз йўқ. Амал ҳам талашмаймиз. Мен ўз насибамни, сен ўзингникини териб юрибсан.
— Жуда ўринли ажрим қиляпсан. Қани, сигарадан ол, бир тутатайлик. — Ниёз унга сигара тутди. — Ўзингчи?
— Чекким йўқ, — Ниёз шундай деб ёққични ёқди.
— Ўҳ-ҳў, — деди Даврон сигара тутатиб, — ўткир экан... Дунё худди иккига бўлинганга ўхшайди. Мана, ҳозирги гапларингни қара. Биз беш йил бирга ўқидик. Аммо сира ош-қатиқ бўлганимиз йўқ. То ўлгунча салом-аликдан нарига ўтмаймиз. Ҳатто у дунёда ҳам сирдош бўлолмасак керак. Нимага шундай экан?
— Феълимиз бошқа-бошқа.
— Феъл эмас, дунёқараш, дегин. Қизиқ, икковимиз ҳам одам боласимиз, лекин кўринишимиз ўхшамайди. Икковимизда ҳам салкам уч килолик мия бор, бироқ бошқа-бошқа фикрлаймиз. Ҳатто касбимиз бир, аммо тутган йўлимиз айри. Ҳамма гап шу танланган йўлда бўлса керак. Икковимиз поезд йўлидаги иккита релсдамиз. Кетаверамиз, кетаверамиз, йўлимиз эса сира кесишмайди.
— Бунга ҳожат бормикин?
— Балки йўқдир?
— Бирга ўқиганимиз ҳурмати мен барча инжиқлигу пичингларингга чидаб бераман. Бошқа одам келганда нима қилардинг? Фикрингни қандай исбот этардинг?
— Бошқа одам ҳеч бўлмаганда тупроқ таркибидаги тилладан хулоса чиқариб оларди.

Ўн беш кун ўтмай марказдан ишни тўхтатиш ҳақида кўрсатма келди. Даврон дотсент Бекмирзаевнинг тахмин-ҳисоблари, ўзининг мулоҳазаларини баён этиб ишни давом эттиришга рухсат беришларини сўраб хат ёзиб юборди. Бир ҳафтадан сўнг энг сўнгги расм-русмларни ўрнига қўйиб кийинган, қошлари қизларникидай ингичка, худди шу қошлардан андоза олгандай ингичка мўйлаб қўйган, қадди тик йигит Ниёз Мансуров — Давроннинг курсдоши етиб келди. Даврон уни узоқдан кўрибоқ ҳафсаласи пир бўлди. Археологияга мутлақо бегона бу йигитнинг маълум бир чуқур илдизлар орқали озиқланиб бу соҳада юриши фақат унга эмас, бошқаларга ҳам малол келарди. Аммо бу олқиндининг кавушини тўғрилашни ҳеч ким удда қилолмасди. Даврон у билан беш йил бирга ўқиб, баъзан амалий ишларда, баъзан пахта теримида бирга бўлиб унинг эгилганини, тупроқ тортганини ё бир чаноқ пахтани этакка солганини, умуман коржома кийганини кўрган эмас. Шунга қарамай у дипломга эришди. Ёзёвондаги қазишма тақдирини бир ёқлик қилиш учун юборилганидан маълумки, ишлари ҳам чакки эмас.

Давроннинг назарида Ниёз оддий одамлар сингари яшамас эди. У ҳаётни улкан театр деб билиб артистлик қиларди. Тўғри, дунёни бундай кишилар масаласида ғариб деб бўлмайди. Шундай экан, Ниёз сўппайиб қолган артист ҳам эмас. «Ҳаёт театри»нинг яна бир жиҳати борки, унда рол ўйнаётганларнинг айримлари ниқобсиз, гримсиз ҳаракат қилади. Бундайлардан фақат нафратланасан-у, аммо у қадар хавотирланмайсан. Айримлари эса ботинан ниқобланган бўлади. Булардан нафратланишни билмайсан. Чунки зимдан иш кўрувчи одамга зимдан нафрат билдириш беҳуда. У билан дўст бўлишни ҳам, бўлмасликни ҳам билмай гангиб юрасан. Ниёз худди шу тоифадан. Бир кунда ўнта одам билан учрашса, ўн хил ниқобда, ўн хил муомала қилади. Қай гапи самимий, қай гапи сохта эканини худоси ажратиб бермаса, бандаси ҳал қилиши мушкул.

Ниёз Давронни кўриши билан қулочини кенг ёйиб келди-ю, аммо қўл бериб кўришди. Вазиятни аниқлаш учун вакил сифатида ташриф буюрганини маълум қилиб ишлар билан танишиш истагини билдирди. Даврон уни атайин тупроғи кўпчиб ётган йўлдан бошлади.
— Мен учун бирор кунингни ажрата оласанми? — деб сўради Ниёз чодирга яқинлашганларида.
— Нима эди?
— Командировка муддати бир ҳафта. Шу атрофда яхши ерлар бор, деб эшитаман.

Икки кундан бери Давроннинг юраги сиқилиб қадрдонларини қўмсаётган эди. Шу учун «Меҳмоннинг истаги баҳона бўлиб оёқнинг чигилини ёзсаммикин», деган хаёлга келди-да, «Яхши, эрта бўлсин-чи, бирор ёққа борамиз», деди. Ниёз Давроннинг дарров кўна қолганидан ҳайрон бўлди. Чунки у «Қандайдир баҳонани пеш қилиб, илтимосимни ерда қолдиради», деб ўйлаган эди.

Оқшом тушиб, чодир ёнида давра қурилди. Гулхан ёқилди. Қорайиб кетган қумғондаги сув қайнаб-тошиб гўё ўтни ўчирмоқчи бўлади. Гулханнинг қумғон турган томони бир оз писиллаб, тутайди-да, кейин яна аланга авжига қўшилади. Даврон сим ҳалқани қумғоннинг бўйнига илиб уни оташ бағридан олди. Бир кафт қуруқ чой ташлаб, уч бора қайтарди. Ҳамиша қизийдиган давра бугун, меҳмон бор учун, унча қовушмай турарди. Қирғийбурун меҳмоннинг кибр билан гапириши гурунг меъёрини бузиб қўйганди. Натижада бу сафарги чой охиригача ичилмади.

Ниёз йўл юриб чарчаганиданми ё шаҳарда барвақт ётишга кўниккани учунми, чодирга кириб кетди. Даврон йиғма каравотини ташқарига олиб чиқиб ёйди. Жунчойшаб ташлаб чалқанча тушганича қўлларини ёстиқ қилди. Уйқуси келмади. Осмон тоза. Юлдузлар жимирлайди. «Қайси бир шоир пахтазорни юлдуз тошган осмонга ўхшатган эди. Бир қараганда чиройли таққос. Агар у пахтанинг тафтини ҳис қилганда совуқ юлдузларга қиёс этмас эди. Ўша шоир ҳам Ниёзга ўхшаган одам-да. Соқи сумбати жойида, юраги эса фақат қон ҳайдаш билан банд. Лекин сезги, ҳис, туйғу, дард деган тушунчалар мутлақо бегона. Ниёз ўзича менга ёрдам қилмоқчи. Розилик беришга мажбурман. Бўлмаса, иш чала қолади. Одам кўп ҳолларда онгли равишда онгсизлик қилади. Билиб туриб, истагига, маслагига зид равишда қадам ташлайди. Ҳамиша шундай бўлиб келган. Наҳот бу давом этса? Йўқ, қачондир бунга чек қўйилади. Ким чек қўяди? Кимдир биринчи бўлиб Ниёзлар тоифасига қарши чиқади. Кимдир? Ким? Нима учун мен эмас? Қўрқаманми? Нимадан? Журъатим етишмайдими? Қўрқмайман, журъатим ҳам етарли. Аммо ёлғизман. Тўғри, ҳозирча атрофимда маслакдошларим бор. Бироқ, ҳужум бошлангач, чекка-чеккага чиқиб олувчилар кўпаяди. Курашга чоғланганларнинг бири Асад Бекмирзаевич эди. Ҳайбаракаллачилар кўп бўлди. Мажлис чақиришди. Асад Бекмирзаевич уларнинг қалқонига айланди. Қинғир ишлар фош қилинди. Академияга хат юбориш масаласи кўтарилганда бири: «Икки марта уйланганман, шармандам чиқади», деди, бири: «Илмий кенгаш аъзосиман, қўл қўёлмайман», деди, яна бири: «Тўғри-ю, тўғри эмас-да», деб ланжлик қилди. Қани, қани, деб рағбатлантирган азаматлар оқибатда, «Қозиқнинг боши ҳам, учи ҳам бўлма», деган мақолга содиқ қолишди. Академия президентига Асад Бекмирзаевичнинг ўзи рўпара бўлди. Унинг далиллари исботланиб, институтда ўзгаришлар рўй берди. Йўқса, бутунлай ёмонотлиққа чиқарди. Ҳаётнинг чалкашликлари беҳисоб экан, тишимиз ўтмайдиган муаммолари гаранг қилиб юборади кишини... Худо жониворларни яратганда, яхши ҳамки, туяга шоху мушукка қанот бермаган, дейишади. Шу фозиллигини Худо одамларга ҳам ишлатмаган экан-да. Одамни яратгач, мансабларни қалаштириб «Истаганингни танлайвер, қобилиятингга эмас, истагингга қара. Агар шу билан тўйсанг, олавер», деган шекилли. Кошки мансабпараст одамни тўйдириш мумкин бўлса! Асад Бекмирзаевич ҳақиқат учун курашди. Лаззатини эса мана шу Ниёзнинг қариндоши тотди. Ўроқда йўқ, машоқда йўқ, хирмонда ҳозир, дейдилар-ку. Тўғри гап. Ниёз ҳам қариндошидан ўтиб қайга борар эди! Мана, вакил бўлиб келибди. Кечагина археология деса, қулоғини кўрсатарди. Ўнта дарсдан битта чойхона паловни афзал кўрарди. Энди менга ақл ўргатмоқчи. Бутун бир экспедитсиянинг тақдирини ҳал қилмоқчи. Тўғри, маблағ кетяпти. Давлатнинг пулини беҳуда совурмаслигимиз керак. Лекин ҳамма нарсани пул билан ўлчаб бўлмайди-ку! Балки халқимиз тарихида янги саҳифа очувчи манбалар худди шу тупроқ остидадир. Буни Ниёз ҳеч қачон фаҳмлай олмаса керак... Ғуж-ғуж юлдузлар. Осмон қайнаётганга ўхшайди. Юлдуз учди. Осмонни поралаб, узун нурли из қолдириб сўнди. Илгарилари шунга қараб «бир одам ўлди», дейишарди. Неча юз йиллар шу фикр ҳукмрон эди. Энди комета ёки метеорит учди, деб изоҳлашади. Фанда исбот этилган бу фикр йиллар давомида ҳукмронлик қилар, лекин мутлақ бўлолмас. Балки буларнинг бари комета эмасдир? Балки бу бирор фазовий кеманинг изидир? Балки у узоқ юлдуздан биз томонга келаётгандир. Унинг нури фазонинг қайси бир бўлагида кўриниб қолгандир. Бўлиши мумкин-ку ахир? Биз бир қоидага маҳкам ёпишиб олишга ўрганиб қоляпмиз...»
— Мулла Давронбек, ухлаганингиз йўқми?

Даврон ўрта яшар кишининг мулойим овозини эшитиб бошвоқсиз хаёллар комидан қутулди. Ўрнидан турди.
— Ётаверинг, тинчингиз бузилмасин. Бу дейман, ўғлим, юлдуз санаятувдингизми ё Хизр бувани кутятувдингизми?
— Униси ҳам, буниси ҳам эмас. Қани, Йигитали ака, ўтиринг, — Даврон шундай деб каравотдан жой кўрсатди. Бироқ Йигитали ака дўнгликка чордона қурди. Кафтига нос тўкиб, тили остига ташлади. Эллик ёшларга бориб қолган, томирлари бўртиб турувчи бу киши экспедитсияга яқинда қўшилган, айтишича, раиснинг кўзбўямачилигига қарши чиқиб, колхоздан кетиб қолган эди. Уйи бу ердан узоқ эмас, шунинг учун асосан қатнаб ишларди. Баъзи-баъзида гурунгталаб бўлган кезлари шу ерда тунаб қоларди. Пешонабоғини танғиб астойдил ишловчи Йигитали акани барча беҳад ҳурматлар, у ҳам йигитларга ўғлим, деб мурожаат қиларди.
— Эски ҳисоб бўйича бугун лайлатулқадр кечаси. Ҳамма Хизр бувани кутади, — деди Йигитали ака кафтини қоқиб. — Менам кутганман. Отам ҳам кутган. Отамнинг отаси ҳам кутган бўлса керак. Лекин ҳеч қайсимиз Хизр бувани кўрмаганмиз. Хизр бува лайлатулқадр кечаси кўринганларида ҳаммаёқ ёришиб кетади, шунда ниманики ушласанг, ўша олтинга айланиб қолади, дейишарди. Қадимда шу қишлоғимиздаги бир жувон Хизр бувани кўрганмиш. Қўрққанидан боласини ушлаб олган экан, гўдаги росмана тиллага айланиб қолибди. Зор-зор йиғлабди бечора. Кейин бошига муҳтожлик тушганида боласининг битта бармоғини кесиб заргарга сотибди. Бир йилдан кейин лайлатулқадр кечасида яна Хизр бува ўтибдилар. Жувон яна қўрқиб боласига ёпишган экан, чақалоғига жон кирибди-ю, кесилган бармоғидан қон отилибди. Бу ривоятни кичкиналигимиздан қулоғимизга қуявериб ишонтириб қўйишганди. Энди бу гапга ҳеч ким ишонмайди.

Йигитали ака шундай деб носни тупурди-да, тўнининг енги билан оғзини артди.
— Бизлар оми бўлганмиз-да, ҳар нарсага ишонаверардик.
— Ишонган ҳам яхши, Йигитали ака, — деди Даврон, — баъзилар ҳеч нарсага ишонмай, қолганларни гаранг қилиб юборишади.
— Беш қўл баравар эмас. Ҳали бир башанг йигит билан юрувдингиз. Ишларимизни текширдими, нима дейди?
— Ишларимиз дуруст экан.
— Ундай бўлса майлига. «Ишни йиғиштирарканмиз», деган узунқулоқ гаплар оралади.
— Бу ҳозирча номаълум.
— Сизга-ку бари бир. Бу ер бўлмаса бошқа ерга бориб шу ишингизни қилаверасиз. Мен яна тавбамга таяниб колхозга қайтишим керак. Раёнда ишлай олмайман, шаҳарга кетолмайман.
— Йигитали ака, пахта иши шунча юрагингизни олиб қўйганми?

Йигитали ака нима деб жавоб беришини билмай қараб қолди. Носқовоғини кафтига шап-шап урди.
— Э, ўғлим-а, ғаройиб саволларни берасиз. Деҳқоннинг боласига ҳам шундай дейдими? Мен пахтадан бўлак нима кўрибман бу дунёда? Ўн икки ёшимда елкамга кетмон ташлаб далага чиқиб катталар билан баравар ишлар эдим. Пахтадан сира нолимаганман. Пахтадан бўйин товлаган деҳқоннинг кўзи кўр бўлади.
— Йигитали ака, айбга буюрманг, ёшлик қилиб ноўрин сўз айтиб юборибман.

Йигитали ака индамади. Томоқ қириб қўйди. Дўпписини олиб бошини силаган бўлди. Даврон орадаги ноқулайлик чодирини кўтариш учун сўзини давом эттирди:
— Мен ҳам пахтакордан чиққанман. То мактабни битиргунимча даладан бери келмас эдим. Қишлоқ болаларининг аҳволи ўзингизга маълум. Шу касбга ишқим тушиб, ўқидим. Бир нави ишлаб юрибман. Аммо кўпинча кўнгил пахтага тортиб кетади. Далани қўмсаб қоламан. Мен-ку, сизнинг олдингизда бир гўдакман. Деҳқонман, деб кўкрагимга муштлай олмайман.
— Гапингизга тушуниб турибман. Ўзингизни қийнаманг. Мен раҳматли Асаджонга колхоздан кетишимнинг сабабини айтмоқчи бўлганимда «Шарт эмас, ўтмишингиз бизни қизиқтирмайди, ҳалол ишлаб берсангиз бас», деган эди. Сизга қизиқ туюлса, айтишим мумкин. Унвоним бўлмаса ҳам пахта илмини бир олимчалик биламан. Мақтаняпти, деб ўйламанг. Ернинг тафтига қараб туриб вақтида чигит ташлайман, ғўзанинг рангига қараб сув бераман. Бошқаларга ўхшаб радиода «Чигитни тезроқ ва сифатли экайлик», деса экиб ташлайвермайман. У ердагилар ўтирган жойида лақиллайверади. Деҳқоннинг калласи ишлаши керак, кўзи ўткир бўлиши лозим. Э, буларни сизга уқтиришнинг ҳожати йўқ. Хуллас, аввал раис билан уришдим. Дориларинг халқни эзиб юборди, бас қил, дедим. Унамади. Ҳадеганда дори сепади. Дори дейиш ҳам нотўғри бўлиб қолди. Дорини-ку, фойдаси бор. Пахтага сепадиганимиз эса нақ заҳарнинг ўзи. Одамлар чекка-чеккадан гапиришади. Аммо раисга бетлашишмайди. Бир куни радиода раёнимизни гумбурлатиб танқид қилиб қолишди. Қодир Махсум деганлари «Терим суръати паст, дефолиатсия кечиктириляпти», деб қолди. У-ку, шаҳардан ташқарига чиқмайди. Биров ёзиб берганини ўқийди. Бу ердагиларнинг калласи қайда экан? Ҳаво паст келган, ғўза вақтида сув ичмаган. Ривожи суст. Йўқ, вакил кетидан вакил босиб дефолиатсияни бошлатишди. Қўшни колхозда бўлам туради. Бўйи етган қизи тўппа-тўсатдан қайтиш қилиб берди. Текшириб қарашса, ариқдан сув ичиб қўйган экан. Бу қандай бедодлик ўзи, сув ичсанг заҳарлансанг, нафас олсанг заҳарлансанг. Айбимиз деҳқон бўлиб дунёга келганимизми? Пахта экканимизга раҳматми, бу. Мен далага заҳар септирмайман, деб туриб олдим. Планни ҳаммадан кейин бўлса ҳам бажардик. Лекин бригадани оқсатиб қўйди, деб сувчиликка туширишди. Ҳай, дедим. Ота-бобом бригадир ўтмаган, амалсиз қолсам бирор ерим камаймас. Далада юриб ерга раҳмим келади. Ер бангига ўхшаб қолган. Қуруқ. Кучи йўқ. Турган битгани дори. Ерга шунчалар азоб берадиларми-а? Мен бригадирлигимда бир арава сунъий ўғит ташлаган еримга янгиси икки ҳисса ташлайди. Ҳой, десам, қарамайди. Ерга раҳми келмайди. Ўзингни ўйламасанг, бола-чақангни ўйла, баччағар, дейман. Бизни бойлаб бергани йўқ, эрта-индин бир қулоч ерни эгаллаб ётамиз. Бу ер бола-чақамизни, невара-эвараларимизни ҳам боқиши керак. Бу аҳволда эртага ерда тупроқ қолмайдику. Оҳакда пахта етиштиришадими? Мен ерга ачинсам улар қўлдан кетган амалига ачиняпти, дейишди. Тилимни тишладим. Аммо сабр косаси тубсиз бўлмайди, ўғлим. Этакни қоқиб, кетмонни сўрига илиб қўя қолдим. Раҳматли Асаджонга учрашган эдим, иш берди. Мана шунақа, ўғлим, нон-насибамиз шу ерда ҳам бор экан...

Йигитали ака яна кафтига нос тўкди-да, тилининг тагига ташлади.
— Шунча қирғин ишларни билар экансиз, ёзмайсизми?
— Мен деҳқонман, шикоятчи эмасман.
— Ие, сиз «Мен деҳқонман», деб қўл қовуштириб турсангиз, бошқаси ҳам шундай деса, ҳақиқат учун ким курашади? Ё Хизр бувани кутасизми?
— Тўғрисини айтсам, бир ёзиш ниятим ҳам бор эди. Аммо эпақага келтиришим қийин. Сиз мулла йигитсиз, мен айтиб турсам, сиз лаб-лунжини тўғриласангиз.
— Бўпти. Бир ҳоли ўтирсак, уддалаймиз. Мен эртага «башанг йигит»ни бир сайрга олиб чиқмоқчиман. Қайтганимдан сўнг, ёзамиз.
— Қаерга чиқмоқчисизлар?
— Сирдарёнинг бўйига.
— Уловларинг борми?
— Улов — ўзимизнинг қадрдон автобус-да.
— Бўлмаса, менга ҳам дам беринг. Қишлоққа тушиб уловни олиб чиқай. Сизларга қўшилиб мен ҳам бир яйрай.

Даврон розилик бергач, Йигитали ака ўрнидан турди. Давроннинг кўзига анчагача уйқу келмади. Яна қўлини ёстиқ қилиб осмонга тикилди. Само энди кўзларига худди саноқсиз тақинчоқлар илинган қора бахмалга ўхшаб кўринди. Бу осмон, кўз илғаган бу юлдузлар билан ёлғиз, юзма-юз қолсанг ажиб, ўзингга ҳам тушунарсиз бўлган ҳолга тушасан. Даврон ҳам само сеҳрига банди бўлиб, хаёлларига эрк берди. Бирдан қулоғи шанғиллади. Кимдир ғашни келтирадиган даражада ҳуштак чалди. Кейин бу ҳуштак эски эшикнинг ғижирлашига ўхшаган овозга айланди. Сўнг кимдир унинг устида туриб олиб шивирлагандай бўлди. Юраги тез-тез ура бошлади. Босинқираяпман шекилли, деб ўрнидан турмоқчи эди, қўзғала олмади. Кўзга кўринмас бир одам кўкрагидан босиб қимирлашга йўл бермади. «Ёмон туш кўряпман, уйқудан уйғонишим керак», деб ўйлади. Бироқ у ухламаган, кўзлари очиқ эди. Ҳамон юлдузли самога тикилиб ётарди. Юлдузларнинг жимирлашини, баъзан учишини аниқ кўрарди. Нима гап ўзи? Нима учун бундай ҳолга тушяпти? У кўзларини юмди. Шу чоқ чодирга бўйи тахминан икки ярим, уч метр келадиган, фазогирлар кийимидаги, бошлари яссироқ икки одам яқинлашди. Даврон чўчиб кўзини очди. Атроф кимсасиз — ҳеч ким йўқ. Ичкарида Ниёз енгил хуррак тортяпти. Гулхан ўчган. Майда чўғлар юлдузларнинг ердаги аксига ўхшайди. Даврон шашт билан ўрнидан турди.

Қалтис ҳазилми?..

Ниёз ҳеч бир мулозаматсиз машинанинг олдинги эшигини очди-да, ўриндиқнинг чангини қоқди. Ўрнашиб ўтиргач, портфелини орқа ўриндиққа ташлади-да, эшикни қарс этиб ёпди. Унинг бу иши Йигитали акага бироз малол келди. Ўзича: «Амални яхши кўрадиган иззатталаб тоифадан экан», деб қўйиб Давронга савол назари билан қаради. Даврон эса ҳеч нарса сезмагандай орқа эшикни очди.
— Кетдикми, Йигитали ака?
— Кетсак кетаверамиз-да...

Машина ўйдим-чуқур йўллардан шоҳ ташлаб юриб кетди. Ичкарига чанг уфурди. Ниёз шошиб ойнакни кўтарди. Кейин чўнтагидан рўмолча чиқариб қават-қават қилиб тахлади-да, бўйнига ташлаб олди. Йигитали ака кўз қири билан унинг ҳаракатини кузатарди. Ниёзнинг нимасидир, юз тузилишими, башанг кийинишими Йигитали акага ёқмади. Одамнинг ташига қараб баҳо бериш нотўғри. Аммо бу меҳмон билан гурунг қуришга майли бўлмаяпти. Ўзи-ку, меҳмоннинг кўнглини олай деган мақсадда ярим тунда қишлоғига пиёда жўнаб машинасини олиб келди. Меҳмон яхшими, ёмонми, бари бир иззатини жойига қўйиши керак. Аждодлардан қолган удум унинг вужудига сингиб кетган. Лекин бари бир бу йигитни жини суймайроқ турибди. Шунинг учунми, суҳбатни бошлаб юборгувчи ақалли бир калима ҳам тилга келмаяпти. Даврон ҳам нимагадир жим. Уйқуси чала бўлганми, кўзини юмиб олган...

Машина катта йўлга чиққач, Ниёз ойнакни туширди. Юзини шамолга тутди.
— Оҳ, оҳ, ҳавони қаранг, қаймоққа ўхшайди! — деди у.

Йигитали ака кулимсираб бош ирғаб қўйди.
— Машина ўзингизникими?
— Ҳа, ўзимники.
— Анча уринтириб қўйибсиз.
— Йўлни кўрдингиз, машина яна ҳам чидайди.
— Қанчага олган эдингиз? Бутунлай шалағи чиқмай туриб сотиб юборинг?
— Нимага?
— Нимага бўларди, янгисидан оласиз.

Йигитали ака Ниёзнинг гапидан ажабланмади. Аввал ҳам бир-икки одам шундай маслаҳат берган эди. Дунё дунё бўлиб, одам зоти идрок қила бошлагандан бери неча юз авлод янгиланди. Аммо уларнинг тоифаларида сезиларли ўзгариш йўқ, дейиш мумкин. Чунки яхши ва ёмон одам минг йиллар илгари ҳам бор эди, ҳозир ҳам мавжуд. Бу тушунча яна неча аср сақланиб қолар экан? Ҳозир бировга «ёмон одам» деб баҳо бериб бўлмайди. Кўринишидан бинойи, ақлли, саводли, биров билан гаплашганда жилмайиб туради. Қани, шу одамни айблаб кўринг-чи! Мана шу эскиб бораётган машинани сот, деб ақл ўргатаётганларни ёмон одам, деб бўладими? Бир қарашда улар машина эгасига куйинишяпти, ачинишяпти. Бошқа томондан-чи? Энг биринчи ўринга ўз манфаатини қўювчиларга «муқаддас» деган тушунча борлигини уқтириб бўлармикин? Куйиб-пишиб гапираётган чоғингизда мийиғида кулиб, сизни масхара қилса-чи? Йигитали ака умри давомида ҳар хил одамни кўрди. Бугунги меҳмоннинг гаплари унинг кимлигини ошкор қилиб қўйди.

Суҳбатни Ниёз бошлади. Мезбонлик бурчи Йигитали акага уни давом эттириш мажбуриятини юклаган эди. Тушунтириш учун эмас, азбаройи суҳбатни давом эттириш учун Йигитали ака меҳмонга бир қараб олиб «Йў-ўқ, буни сотолмайман», деди.
— Сотолмайман, деганингиз нимаси, саксон минг юрибди, анави матахни орқасига айлантириб йигирма мингга келтиринг, у ер-бу ерини артиб, мойлаб, буранг, тамом. Шаҳарга олиб боринг, камида олтига сотасиз, мен кафилман.
— Сотаман десам, шу ерда харидор топилади. Авваламбор, меҳмон, кўзбўямачиликка тоқатим йўқ. Қолаверса, бу машинани мукофотга беришган. Ҳар қанча пулдан ҳам қимматли.
— Мукофотга?
— Ҳа.
— Илгари қаерда ишлардингиз?
— Қишлоқ одами қаерда ишларди, пахтада-да.
— Механизатормидингиз?
— Керак бўлганда механизаторлик ҳам қилганмиз.
— Ие, шундай ишни ташлаб...

Ниёз гапини ниҳоясига етказа олмади. Даврон унинг елкасига аста туртди Ниёз орқасига қаради:
— Уйғондингми?
— Ҳозир барханларнинг орасидан ўтамиз.

Ниёз Давроннинг муддаосини англаб «Бир гап борга ўхшайди», деб қўйди. Мазмунсиз савол-жавобдан иборат «гурунг» узилди. Ниёз яна юзини шамолга тутди.
— Эшитишимга қараганда, баъзи бировлар то кузгача гаштини суриб, терим бошланиши билан далага чиқар экан. Беш юзми, олти юз тоннами териб бир машинанинг пулини киссага уриб яна кетаверар экан, шу гап ростми?

Йигитали ака Ниёзга бир қараб олди.
— Рост. Шундайлар ҳам бор.
— Мен сизни ўшанақа одам демоқчи эмасман, яна кўнглингизга келмасин.
— Бе, меҳмон, сира кўнглимга келмади. Гапировиринг.
— Мукофотга машина беришган бўлса чакки ишламаган экансизда. Орденлардан ҳам борми?
— Бор.
— Нечта?
— Санаш шартми?
— Шунчаки қизиқиш-да... Ҳар ҳолда экспедитсияда юрганингиз қизиқ туюляпти.
— Дўхтирлар касбингизни ўзгартиринг, дейишди.
— Экспедитсия ишини тўхтатса нима қиласиз?
— Унгача, худо пошшо, кўчада қолмасмиз.
— Бола-чақалар қўлтиғингизга кириб қолишгандир?
— Ҳа... — Йигитали ака Ниёзга қараб кулди.
— Нимага куляпсиз? — деди Ниёз ўзини ноқулай сезиб.
— Бунчалик қизиқувчанлигингизни билсам, уйда ёзиб қўйилган таржимаи ҳолим бор эди, шуни олволар эканман.

Даврон кулиб юборди. У кулганда юмалоқ юзи яна ҳам тўлишгандай бўлар, кўзлари қисилиб кетарди. Йигитали аканинг ҳазили Ниёзга ҳам ёқди. Овозини баралла қўйиб хахолади.

Йўл четидаги дарахтлар сийраклаша бошлади. Кўп ўтмай машина икки томонида қум барханлари ястаниб ётган йўлга кирди. Давроннинг назарида бу қумлар ғаройиб сирларини одамлардан яшириб ётганга ўхшайди. Қизилқумдаги ёки Қорақумдаги барханлар ҳеч кимни таажжубга солмайди. Лекин водийнинг қоқ ўртасида митти саҳронинг ястаниб ётиши сирли туюлади. Даврон бу йўлдан ҳар ўтганида шуни ўйлайди. «Нима бу? Табиатнинг қалтис ҳазилими? Балки қадимда водий ўрни бус-бутун шундай бўлиб, одамларнинг матонати туфайли бўстонга айлангандир? Балки қумлик билан олишган бобокалонларимиз авлодларга ёдгор бўлсин, деб саҳронинг бир қисмини табиий музей сифатида қолдиришгандир?..»

Тарам-тарам бўлиб турган қум барханлари кун тиккага келгач, қуёшнинг ўтли тиғида қизигандан-қизийди. Жонсарак калтакесаклар одам шарпасидан чўчиб ин-инига кириб кетадиган бўлиб қолган. Бу жониворларнинг ҳам ҳаловати бузилган. Барханлардан одамзод оёғи аримайди. Тунови йили шу йўлдан ўтаётганида қумликка саксовул экиб юрганларни кўрган эди. Саксовул икки қарич бўлиб қолибди.
— Қумга бир нарса экилган, шекилли? — деди Ниёз Давронга қараб.
— Эрта баҳорда райҳон сепиб қўйишган эди, — деди Даврон Ниёзнинг жоҳиллигидан ғаши келиб.
— Жуда ишондим, — деди Ниёз унинг киноясини тушуниб.
— Ўртоғингиз ҳазиллашяптилар. Қумликка саксовул экишган.
— Саксовул? Нима кераги бор экан? Бу ерларни ўзлаштирмоқчи эди-ку?
— Нима деяпсиз, салкам ўн минг гектар келади бу қумлик. Эпақага келадигани ўзлаштирилди. Қумни ерга кўмиб, соз тупроқ тортиб пахта экишяпти. Далани қум босмасин, деб саксовул ўтказишяпти. Бечораларга ҳам жабр. Ҳар йили саксовул экишади.
— Тутмайдими?
— Тутишга-ку тутади, энди бош кўтарганда пода ҳайдаб қўйишади. Қанча жанжал ҳам бўлган. Жарима ҳам тўлашган. Бари бир аҳвол ўзгармайди. Саксовулга икки йил тегмасангиз фойданинг тагида қоласиз. Аммо шунга сабр қилишмайди.
— Йигитали ака, сиз деҳқон одамсиз, — деди Даврон, — қумликни бора-бора бутунлай йўқотишади, шу ишни тўғри деб ўйлайсизми?
— Халқимизнинг табиатида тек туриш одати йўқ. Ғимирлагани-ғимирлаган. Ярим қулоч ер бўш ётганини кўрса, у-бу экиб қўяди. Қумнинг ўрнини ҳам экинзор қилиб юборишади.
— Шунда тўғри бўладими?
— Бунинг нимаси нотўғри?
— Қумликларни бутунлай йўқ қилиш иқлимга таъсир этмайдими?
— Бунинг фойда-зарари менга қоронғи. Сизлар олим одамларсиз. Мен қайдан билай?

Йигитали аканинг бу гапи Ниёз учун бир фатво бўлди. Ниёз ҳар қандай даврада, ҳар қандай шароитда билимларини намойиш қилишга тиришар эди. Кўп ҳолларда (даврадагиларнинг савиясига қараб) «Замон алломаси» даражасига ҳам яқинлашиб қоларди. Гап табобатга тақалса янги касалликлардан, фазовий муаммолар хусусида гап кетса, қайси сайёрада ҳаёт борлигидан сўз очарди. У анойи эмас — бу янгиликларни сира излаб, ўқиб, ўрганмаган. Давра, гурунгларда эшитганларини хотирасида маҳкам сақлаб қоларди. Қулоғига илганлари энди у учун ҳақиқатга айланар, тахминларни эртасига бошқа даврада бор гап қилиб кўрсатарди. Табиийки, унинг билимидан мукофотга машина олган киши ҳам хабардор бўлиб қолиши керак. Экспедитсиядагиларнинг кўпи Ниёзни танимайди. Унинг билимдон вакил эканини шу Йигитали ака етказади-да.

Ниёз сўзни табобатдан бошлади. Йигитали аканинг хасталиклар ва янги даво усуллари билан қизиқиши табиий. Шунинг учун Ниёз гапирган сари унга нисбатан бўлган илк фикрлари ўзгара борди. Вакилнинг маза-бемаза сўзларидан энсаси қотган Даврон эса индамай ўтираверди. Ниёз баъзан «Тўғрими?», деб орқасига қараганда ҳам гапиришга ҳуши келмай бош ирғаб қўя қоларди.
— Ҳозир рак ҳеч гап бўлмай қолди, — деди Ниёз ястанганича лабига сигара қистириб. — Энди одамлар юракдан кетяптилар. Ўлимнинг олтмиш фоизи юракдан. Туппа-тузук одам таппа ташлайди, тамом. Ўттиз протсент ўлим автомобил ҳалокатидан. Рак билан ўлганлар учинчи ўринда.
— Менам шунақа деб эшитаман, — деди Йигитали ака. — Илгарилари тўппа-тўсатдан ўлиш кам бўларди. Энди тез-тез эшитамиз. Бизнинг қишлоқда-ку, унчалик эмас, шаҳарда кўп дейишади. Сабаби нима экан?
— Сабаби оддий: қон босими... — деди Ниёз сигарани олиб айлантирар экан. Кейин лабига қистириб тутатди. Йигитали ака тасодифий ўлимнинг сабабини билолмай қолди. Ниёз гапни «Америка томонда кечагина бўлган даҳшатли довул» ҳақидаги янги хабарга бурди. Даврон ғижиниб қўйди-ю, индамади.

Ишемик касалларни келтириб чиқарувчи омиллар оддий карражадвал каби маълум бўлиб қолган паллада «мулла йигит»нинг жавобдан бўйин товлаши унинг жоҳиллигидан яна бир далолат эди. «Тараққиётнинг жадаллиги, ҳавонинг ифлосланиши, шаҳарнинг шовқини, ишдаги асабий тортишувлар, жисмоний ҳаракатнинг ҳаддан зиёд камайиб кетиши оқибатлари ҳақидаги мақолалар матбуот саҳифаларидан тушмай қолган. Шулардан биронтасини ҳам тузук-қуруқ ўқимаган бўлса керак. Қумликларни текислаш Ниёзга топширилса бир-икки йилдаёқ саранжомлайди. Оқибатини суриштириб ўтирмайди. Дўппига қўшиб фақат бошни эмас, оёқ-қўлни ҳам қийма-қийма қилиб олиб келади. Агар катталардан биронтаси қумликни кенгайтир деса, бутун водийни қулинг ўргилсин саҳрога айлантириб беради. Биз катта авлод орасидаги қобилиятсиз олимлардан ранжиймиз. Бу соҳада қандай ўрнашиб қолган, нима учун зукко устозлар уларга йўл очиб беришган, деб бош қотирамиз. Мана жавоб: Ниёз илм даргоҳига қандай кирди, қандай юрибди. Унинг порлоқ истиқболи ҳам тайин. Ҳеч қачон хор бўлмайди. Қариган чоғимизда бир ёш йигит келиб: «Ниёз Мансуров деган саводсиз одам археологияда нима қилиб аралашиб юрибди?», деб қолса жавоб бера оламизми?»

Қумлик ортда қолгач, Даврон йўл кўрсатиб кетди. Шунда ҳам Ниёз узуқ-юлуқ «илмий» ахборотларнинг бир талайини айтиб ташлади. Машиналари раён марказидаги китоб дўкони олдида тўхташи билан ичкаридан паст бўйли, тўладан келган бир йигит чиқди-да, уларга пешвоз юрди. Даврон билан қучоқлашиб кўришди. Қолганлар билан икки қўллаб, қуюқ сўрашди. Даврон уни «Камолхўжа, синфдошим, шу раёнга ичкуёв», деб таништирди. Камолхўжа меҳмонларнинг муддаосини эшитгач, «Аввал эшикка ўтмаймизми?», деб сўради, сўнг жавоб кутмай «Майли, эшикка оқшомда ўтамиз, мен тездайла қайтаман», деб машинасига ўтирди-да, қаёққадир кетди. Ярим соатга қолмай етиб келди. Машина тепасига балиқ овлайдиган тўр ташлаб олган. Ёнида узун бўйли ориқ йигит. Даврон уни дарров таниди — Зокирали. Балиқ ови деса ўзини томдан ташлайдиган Зокиралини бу атрофда танимайдиган одам йўқ деса бўлади. Камолхўжа кимни ишга солишни билади.

Зокирали Даврон билан омонлашгач, «Вақтим зиқ, бир соатга сўраб келдим», деди. Камолхўжа «жим бўл», дегандай қўл силтаб уни меҳмонларга таништирди:
— Мучали туя, — деб қистириб ҳам қўйди.
— Ҳайрон бўлмайсизлар, меҳмонлар, — деди Зокирали унинг ҳазилиги жавоб қайтарар экан, — китоб дўконига мол мудир бўғондан бошлаб мучал битта кўпайиб қоған.

Ҳамма мириқиб кулди. Камолхўжа: «Олдинг, туя, олдинг!» деб уни елкасига қоқиб қўйди. Ҳамма Камолхўжанинг машинасига ўтирди. То дарёга етиб боргунларича аския тинмади. Давронга уларнинг одатлари яхши таниш. Бу ерликларнинг оғир ҳазил қилишларини, ҳар бир одамнингн лақаби бўлишини Йигитали ака ҳам билади. Шунинг учун у ҳам аскияга қўшилди. Фақат Ниёзгина бу очиқ оғир аскиянинг оқибатини ўйларди. «Ҳазиллари чинга айланиб кайфни бузишмаса эди», дерди. На Камолхўжа, на Зокирали Ниёзнинг кимлиги билан қизиқди. Даврон ҳам уни тузук-қуруқ таърифламади. Устига-устак Ниёзга сўз тегмади. У кўпроқ мана шундан эзилди. Бу қувноқтабиат мезбонлардан нафратланди. Айниқса улар аския орасида: «Ҳайрон бўлмайсизда, меҳмон, ҳазилимиз шунақа», деб қўйишганда: «Нима, мен тўнкамижозмидим, аскияга тушунмайдиган», деб ғижинарди.

Машина қумли қирғоқда тўхтади. Зокирали тушган заҳоти ҳеч кимга қарамай тўрни олиб ёйди-да, узилган ерларини улай бошлади. Тўрни ҳатто балиқчиларнинг пирига ҳам бермаслик кераклигини неча бор айтиб кимнидир сўкди. Камолхўжа эса машинанинг юкхонасини очиб иккита эски кўрпача, кейин тўрхалтадаги ичимлик ва егулик нарсаларни қуриб, қовжираб қолган ўт устига қўйди. Сўнг иккита пиёлани тўлдириб ароқ қуйди-да, бирини Ниёзга узатди.
— Олинг, меҳмон, танишганимиз учун! — У шундай деб пиёлани бўшатди. Газета устида тартибсиз қалашиб ётган сомсадан газак қилиб, Зокиралига қаради.
— Сенам куйдиргингга ичволасанми? — Камолхўжа ундан жавоб кутмай пиёлани тўлдириб узатди.
— Ма, меҳмон билан ол. Қани, меҳмон, охиригача, саломатлик бўлаверсин...

Ниёз қанчалик қаршилик кўрсатмасин, зўрлаб охиригача ичиришди. «Дам олиш» шу зайлда бошланди.

Тўр тайёр бўлгач, Зокирали билан Камолхўжа дарёга тушди. Тўрни сувга ташлаб, иккови икки томондан тортганича аста юра бошлашди. Камолхўжанинг бўйи паст бўлгани учун қирғоқ томонда, Зокирали эса қуйироқда бўйнигача сувга ботиб борарди. Чуқурроқ ерга келганда шўнғиб кетар, дам ўтмай саёзроқ жойга чиқиб тўхтаб қолган шеригига «Юрмайсанми!» дегандек қўл силтарди. Овоз чиқармасди. Шу зайлда улар анча узоқлашишди.

Ширакайф бўлган Ниёз балиқчиларга бирпас қараб ўтирди-да, кейин туриб кийимларини ечди. Эҳтиётлик билан тахлаб машина ўриндиғига ташлаб қайтгач, кўрпачага мук тушди. Йигитали акага йўлдаги маърузаларининг давомини ўқий бошлади. Эндигина дили яйраётган Йигитали ака унинг гапларидан безиб: «Балиқчилардан хабар олай», деган баҳонада туриб кетди.
— Водийнинг одамларига тушуниб бўлмайди. Ҳаддан ташқари сермулозамат. Меҳмоннинг атрофида парвона бўлишади. Лекин юракдан иззат қилишмаса керак, дейман. Мулозаматлари сохтадир-а?
— Сен ҳамма нарсани ўз бўйингга қараб бичасан. Сохта муомалани сенга чиқарган, ҳатто айрим ҳаракатларинг ҳам сохта бўлади. Бировга юракдан яхшилик қилмайсан. Шунинг учун ҳамиша бошқалардан гумонсирайсан.
— Сен нима учун уларга менинг кимлигимни айтмадинг?
— Уларга бари бир. Амалинг билан ишлари йўқ. Сен меҳмонсан, тамом!
— Қани, қуй, қўрс бўлсанг ҳам сени яхши кўраман, ичингда киринг йўқ. Сени имкони борича қўллайман. Дўстлигимиз учун ичайлик!

Даврон ароққа ичайми-ичмайми, деб тикилиб турди. Сўнг бир қарорга келиб ичиб юборди. Бир кўзи қисилиб қолаёзган Ниёз алжий бошлади. Даврон унга иккинчи кўрпачани юмалоқлаб ёстиқ қилиб берди-да, «Чўмилиб чиқаман», деб дарё томон юрди.

Дарё суви лойқа. Қирғоқдаги қумларни силаб эринчоқлик билан оқади. Илгарилари чилла пайтида ҳам сув машина турган ергача чиқарди. Энди анча тортилибди. Оролгача бемалол сузиб ўтиш мумкин. Одамлар оролга камдан-кам ҳолларда сузиб ўтадилар. Болаликда жиндан қўрқишади, кейин илон бор, тўнғиз бор, деб чўчишади. Давроннинг қишлоғи бу ердан машинада юрилса, икки соатлик йўл. Аммо оролнинг шуҳрати, оролда гўё юз берган ғаройиб воқеалар ҳақидаги миш-мишлар уларнинг қишлоғигача ҳам бориб етарди. Даврон болалигида уч-тўрт марта дадаси билан келган. Дадаси улфатлари билан балиқ овлаб чақчақлашиб кетарди. У эса қирғоққа ўтириб олиб сирли оролни томоша қиларди. Назарида, чўпчаклардаги бутун даҳшатли мавжудотлар шу оролга ин қўйган эди. Ёши улғайгач, оролнинг ҳуснига мафтун бўла бошлади. Болалик тасаввуридаги инсу жинслар ердан кўтарилган ҳовур каби буғланиб кетди.

Орол ўша-ўша. Узоқдан туриб қарасанг кўз тўймайди. Илон каби буралиб оқувчи дарё шу ерга келганда иккига ажралган, уч чақиримдан сўнг яна бирлашади. Қўш кокил янглиғ ирмоқ орасидаги орол эса яшнаб туради. Наъматак, тўранғи, ёввойи жийда, бақатерак жой талашгандек айқаш-уйқаш бўлиб кетган. Сувга эгилиб турган жийда барглари кумуш каби товланади. Атроф сокинлик ҳукмида. Дарёнинг оқиши ҳам, оролдаги қалин дарахтзорнинг эпкинда тебраниши ҳам улуғвор. Даврон шуларга қараб қолиб чўмилишни унутди. Хаёлини моторли қайиқнинг овози бузди. Қайиқ унга қараб бурилиб, тумшуғи билан қумга санчилиб тўхтади. Эскирган дўпписини қошигача бостириб кийиб олган, шимининг иккала почаси ҳам тиззасигача ҳимарилган қисиқ кўзли йигитча сакраб тушиб Давронга салом берди-да, қўш қўллаб кўришди.
— Тартиббузарлар ким, десам ўзимизникилар экан-да, — деди у кулиб. — Зокирали акага ўхшайди. Мени танимадингиз-а, Камолхўжа аканинг жиянлари бўламан. Ўтган йили кўришган эдик. Менам дўконда ишлардим.

Даврон уни таниган, аммо исмини эслолмай турган эди.
— Энди шу ерларни қўриқлаш менга топширилган, — деди йигитча, — юринг, оролни айлантирай.

У қайиқни орқага итариб, чаққонлик билан чиқиб олди-да, моторни юргизди. Даврон ҳам чиқди.

  

— Ёввойи сигирларни кўрасизми? — деди йигитча. Дарон тушунмади.
— Уч-тўртта сигир пайдо бўлган. Дарёда сув камлигида ўтишган. Кейин қайтиб ўтиша олмай ёввойилашиб қолишган. Одамни кўрди дегунча қочади.

Қайиқ учли тумшуғи билан сокин оқаётган сувни иккига айириб илгарилади. Тинчи бузилган дарё унинг ортидан анчагача чайқалиб турди. Қайиқ оролга яқинлашганда Давронда ғалати бир ҳис уйғонди: оролга тушгиси, мана шу ёввойи чакалакда қолгиси, ёлғиз яшагиси, дунё ташвишларидан, шовқинларидан яширингиси келди. Нима учундир одамлар, ҳатто балиқ тутиб юрган дўстлари, раис билан курашиш ўрнига аччиқ қилиб аразлаб юрган Йигитали ака, дарёдаги балиқлар қўриқчиси бўлган шу қисиқ кўзли йигит ҳам кўзига хунук кўриниб кетди. Ёдига тушган барча танишларидан нафратланди. Бунинг учун асос ҳам топди. Даврон мана шу одамлардан хаёлан қочиб оролдан паноҳ излади. Аммо хаёлини яшин каби ёритган бу фикр худди шу яшин каби бир онда сўнди. Аввало, у сира бундай қилолмаслигини билади. Истак билан ирода ўртасидаги тафовутдан кўп қатори Даврон ҳам баҳраманд. Қолаверса, тарки дунё билан муддаога эришиб бўлмайди-ку! Айтайлик, бирор кимса ёлғиз яшамоққа журъат қилди. Шу ҳаракати билан нимага эришади? Фақат ожизлигини намойиш этмайдими?! Бундан кўра ёмонни очиқ-ойдин ёмон дейишга, у билан курашишга интилган афзал!

Даврон оний истагини шундай фикрлар билан қоралаб, хаёлга ботиб ўтирарди. Қайиқ тезлигини камайтириб қалқиб кетди.
— Ана, қаранг, яқин борсак, қочади, — деди йигит унинг ўйга бориб ўтирганини сезмай.

Даврон ялт этиб у кўрсатган томонга юзланди. Соҳилда уч сигир уларга сергакланиб қараб турарди. Қайиқ яқинлашгач, учови бир лаҳзада орқасига бурилди-да, икки ёнга қаппайиб чиқиб турган қоринларини селкиллатиб югуриб кетди.

Дарахтлар уларни одамлар паноҳидан яширди.
— Кўрдингизми, ёввойилашиб қолган, — деди йигит қайиқни буриб, тезликни оширар экан.
— Энди уларни нима қилишади?
— Нима қилишарди, сув саёзлашгач, қишлоққа бориб сигирлар кимники бўлса, олиб чиқсин, бўлмаса отиб ташлаймиз, деб эълон қилишади.
— Ким?
— Овчилар жамияти-да. Бу ерларни қўриқхонага айлантиришар эмиш. Шунинг учун уй ҳайвонларини боқиш мумкин эмас экан. Эгалари олиб кетмаса отишади, турган гап. Бу ерда қадим жайрондан тортиб йўлбарсгача бўлган экан, энди шуларни олиб келиб кўпайтирамиз, дейишяпти.

Қайиқ сувни тўлқинлатиб қирғоқ бўйлаб боради. Даврон кўзини оролдан узмайди. Назарида ҳар бир бута ортидан сигирлар жавдираб қараётгандай, «Одамдан ҳуркиб қочиб кетишди... Одамни энг онгли, энг олий мавжудот деймиз. Лекин айрим ҳаракатларида онгнинг зарраси ҳам сезилмайди. Ҳайвонларни аёвсиз қириб юборди. Илгари очдан ўлмаслик учун ов қилган. Кейин шунчаки ҳавасга ўлдира бошлади... Ўз нафсини қондириш учун эркдан айириб қафасда сақлайдиган бўлди. Қазилма пайтида неча хил номаълум ҳайвоннинг, неча хил ўсимликнинг изига дуч келдик. Мутлақо қирилиб кетган ҳайвонларнинг саноғи йўқ. Яхши ҳамки, борларини сақлаш ҳаракатига тушилди. Йўқса, ер юзидаги ҳайвонот дунёси яқин йилларда музейлардаги тулуплардан иборат бўлиб қоларди... Буталар ортига ёввойилашган сигирлар яширинган. Биз ёввойилашган деймиз. Йўқ, улар аслига қайтган. Ахир, қадимда ёввойи ҳолда яшаган-ку. Пода-пода бўлиб, аҳиллик билан ўзларини душманларидан ҳимоя қилганлар. Кейин эса одамлар уларни тартиб билан ўлдириш учун ўз паноҳларига олганлар. Энди бу ҳайвонларнинг ўзларини ҳимоя қилишларига ҳожат қолмаган. Чунки ногаҳоний ўлим йўқ. Емиш излаб сарсон кезмайдилар ҳам. Ҳамма нарса муҳайё! Ана шуларнинг бир нечаси аслига қайтибди. Одамдан қочяпти... Озодликка, эркка ўрганиб, тартиб билан ўлишдан ногаҳоний фожиани афзал деб билиб, ҳар нарсани муҳайё қилгучи одамдан буткул нафратланиб, буталар орасидан паноҳ топиб юрибдиларми? Оғилхоналарига қайтгилари йўқми?

Ажаб, тараққиётнинг юксак поғоналарига интилаётган одамлар ҳам озгинагина муддатга аслларига қайтсалар нима бўларкин? Йўл қўйган, йўл қўяётган хатоларга дарҳол барҳам беришга ўзларида куч, ирода топа олармидилар? Ёлғончилик, адоват, ичқоралик, амалпарастлик, худбинлик, жоҳиллик, қийпичоқ бўлиш... Эҳ-ҳе, биз назарга илмаган хасталиклар озми? Шулар чакалак орасидан ойдинроқ кўринар, балки давоси ҳам равшан бўлар... Балки... лекин одам ҳеч қачон аслига қайтмайди...»
— Эҳ-ҳе-ҳе-э! — Қайиқнинг орқа томонида ўтирган йигит ўрнидан туриб қўл силтади. Давроннинг хаёли бўлинди. Йигитга жавоб ўрнида бақириб қўл силтаётган балиқчи ҳамроҳларига қаради. Оролни айланиб дам олиш ўрнига дили сиёҳ бўлди. «Бемаъни инжиқликларим авжига чиқяпти, нима кераги бор шунақа хаёлларни», деб ўзини койиди-да, ўрнидан туриб у ҳам қўл силкитди. Табиийки, чакалакзорни паналаб тикилиб турган сигирларни сезмади.

Балиқ қовурилгач, Ниёзни уйғотишди. Ҳам арақнинг таъсири, ҳам офтобда ётиб қолганидан анчагача ўзига келолмади. Туриб, юзини ювиб қайтгунча ҳеч ким балиққа қўл урмади. «Иштаҳа учун» яна «оз-оз» отилгач, Ниёз асл ҳолига қайтди. У қўлига бир парча балиқ олганича тинмай жаврар, бошқалар дастурхонга қарашни ҳам, қарамасликни ҳам билмай ўтиришарди. Бу ерликларда меҳмонни гапиртириб қўйиб овқат ейиш одати йўқлигини Даврон яхши биларди. Шу сабабдан тез-тез Ниёзнинг гапини бўлиб турди.

Балиқ сайли шу зайлда Даврон учун кўнгилхунлик билан ўтди. Айниқса Ниёзнинг бир қилиғи ўлганнинг устига тепган бўлди. Орқага қайтаётганларида Камолхўжа яқинроқ йўлдан кетамиз, деб эни беш қадамлар келадиган саёз анҳорга дуч келди.
— Оббо, лаънати, оқавага рўпара бўлибмиз. Кечагина қуруқ эди, — деди у. — Сизлар тушиб туринглар-чи, бир ҳаракат қилиб кўрай. Балки ўтиб кетарман.

Машина ўтолмади. Олдинги ғилдираклари нариги қирғоққа тегиши билан тўхтади. Биринчи Зокирали, кейин Даврон, уларнинг кетидан Йигитали ака ҳам поябзалини ечиб, шимларининг почасини ҳимариб сувга тушдилар. Ҳа, ҳа билан машинани чиқариб олдилар. Кейин тўртовлари ҳам ажабланиб меҳмонга қарадилар.
— Ҳа, ўтмайсанми? — деди Даврон унга.
— Шамоллаб қоламанми, деб...

У сўзини тугатмай Зокирали яна қайта сувга тушди.
— Қани, опичинг, меҳмон, — деди у елкасини тутиб.
— Э, Зокирали ака, қўяверинг, ўзи ўтади, — деди Даврон Ниёзнинг қилиғидан ранжиб. Ниёз эса бирпас иккиланиб тургач, опичди. Зокирали уни олиб ўтди. Ориқ Зокиралининг чиллакдай оёғига, оғир юкдан эгилиб, қилтиллаб юришига, унинг устида чалпакдай бўлиб турган Ниёзга қараб Давроннинг ҳам кулгиси келди, ҳам нафратдан бўғилди. Камолхўжа эса одати бўйича Зокиралини аския қилиб кулди. Йигитали ака аскияга қўшилмади. Аччиқланганини яширмасдан, индамай бориб машинага ўтирди.

Камолхўжа машинасини тўғри уйга ҳайдади. Баланд ишком остидаги ёғоч сўрида жой тузоқлик эди. Камолхўжанинг аёли ошхона остонасида турганича ийманибгина сўрашди-да, ўзини ичкари олди. Зокирали кичкина тўр халтадаги балиқларни ошхонага элтиб берди.

Қоронғи тушгач, Даврон Ниёзнинг жилиш нияти йўқлигини сезиб:
— Режанг қандай? — деб сўради.
— Менга бари бир, — деди Ниёз елкасини қисиб.— Командировкадаги одамман...
— Биз ҳозир изимизга қайтамиз. Борасанми ё?..
— Қўй, ўша қазилмаларингни, бордим, кўрдим, етади. Менга ишонавер, сени қўллайман. Ишинг юришиб кетади. Мен шу ердан уйга қайта қоламан.
— Қайтишга пича шошмай туринг, одамзодга дам ҳам керак, — деди Камолхўжа уларнинг суҳбатига қўшилиб. Буни эшитиб Ниёзнинг чеҳраси ёришиб кетди:
— Аммо ўғилбола гап айтдингиз. Ошнангизга ҳам ўргатинг шунақа гапларни.

Камолхўжа қанча аврамасин, Даврон оёқ тираб туриб олди. Ошдан сўнг икки пиёладан чой ичдилар-у, Ниёзни Камолхўжанинг ихтиёрига топшириб йўлга чиқдилар.
— Вакил қарғамижоз одам экан, — деди Йигитали ака машина ўрнидан жилгач.
— Нимага?
— Қарға учиб келса ҳеч ким хурсанд бўлмайди, учиб кетса хафа бўладиган одам топилмайди. Элнинг қарғишига учраган одамни ана шунақа — қарғамижоз дейдилар.

Даврон бировнинг орқасидан ёмонлашни хуш кўрмасди. Шунинг учун Йигитали аканинг гапи тасдиқсиз қолди. У юзини шамолга тутганича жим борарди.
— Гапларига қараганда, ишларни тўхтатишлари ҳам мумкин экан, шу ростми?
— Рост, шунинг учун келган.
— Қўллайман, дейди, балки тўхтатишмас.
— Э, Йигитали ака, дунёда ҳеч нарса кўрмаган одамга ўхшайсиз-а. Ишни тўтатиш масаласи унга мутлақо боғлиқ эмас. У шунчаки бир қўғирчоқ. Ариқ бошида бошқа зўрроқ одам ўтирибди.
— Ажаб одамлар бор-да, тегганга тегади, тегмаганга кесак отади. Бекмирзаев ҳам шу ерни деб талашиб юрарди. Сиз айтган зўрроқ одамга нима қутқулиги тушибди бу ишнинг.
— Уларнинг шахсий адоватлари бўлган
— Олим одамлар шунақа бемаъни бўлади, дейишса, қишлоқдагилар сира ишонмайди. Улар олимларни ҳаддан зиёд ақлли, покиза, деб юрадилар-да. Адоват мактаб кўрмаган, бекорчи, жоҳилларнинг юмуши.

Даврон кулиб қўйди. Йигитали аканинг гапи тўғри. Унинг ўзи ҳам мактабда ўқиб юрган кезлари шу фикрда эди. Институтнинг дастлабки курсларида илмий унвони бор ўқитувчилар кўзига фариштадек кўринарди. Вақт ўтиб, домлалар ҳақидаги майда-чуйда гаплар қулоғига кира бошлаганда аввалига ишонмади. Кейинчалик олимларнинг бошқа одамлардан фарқи йўқлигига, фақат яхшилик, эзгулик эмас, ёмонлик, аблаҳлик ҳам қила олишларига амин бўлди. Болалик сурури сўна борди. Айниқса илмий унвони бор икки муаллимнинг уч-тўрт талаба орасида «Сендан мен кучлиман», «Бекор айтибсан, илминг паст», қабилидаги тортишувига гувоҳ бўлгач, улардан буткул ҳафсаласи пир бўлди.

Аммо у олимлар орасида ҳавас қилса арзирли одамлар ҳам борлигини биларди. Даврон дотсент Бекмирзаев ҳақида ҳамиша илиқ гаплар эшитарди. Сўнгги курсда ўқиётганида талабалар бағоят ҳурмат қилувчи бу домланинг назарига тушиб, қувончдан терисига сиғмай юрди. Бекмирзаев камтар, шу ўринда ниҳоят даражада инжиқ, сержаҳл эди. Давронни ҳам баъзан ғадаблаб қоларди. Бироқ шогирдининг хижолат бўлиб индамай турганини кўриб дарров ҳовуридан тушар, «Ке, қўй, хафа бўлма, аммо кўзингга қараб ишла», деб насиҳат қиларди.

Даврон Йигитали акага «Адоватларининг сирини билмайман», деб нотўғри айтди. Адоват сабабларини Бекмирзаевнинг ўзидан эшитган, аммо уни бировга айтишга шу топгача ҳожат сезмаган эди. Бекмирзаевнинг нотўғри йўл тутган институт раҳбарларига қарши олиб борган кураши, ҳал қилувчи паллада ёлғиз қолгани, махсус комиссиянинг тафтиши, Бекмизраевнинг ҳақ бўлиб чиқиши, курашдан ўзини олиб қочганларнинг энди амалга интилиши ҳатто талабаларга ҳам маълум эди. Кўпчилик улар ўртасидаги адоватга шу, яъни, Бекмирзаевнинг амалга ўтиролмагани сабаб, дерди. Бу фаразнинг пуч эканини Даврон яхши биларди. Бекмирзаев ҳеч қачон амалга интилмаган. Институт раҳбарларини фош қилиши ҳам амал учун эмас, адолат учун эди. Раҳбарлар ҳақида сўз кетгудай бўлса, баъзан Даврон: «Аслида шу ўринга сиз ўтиришингиз керак», деб қўярди. Шунда Бекмирзаев бош чайқаб: «Йўқ, мендан раҳбар чиқмайди. Бунга яраша қобилиятим йўқ. Раҳбар қўл остидагиларни «отанг яхши, онанг яхши», деб ишлата билиши керак. Мен ўзимни тута олмай бир-икки бақириб, пўписа қилсам, энг меҳнаткаш одамни ҳам ишдан совутиб қўяман. Кейин амалга сира ишониб бўлмайди. Қадимда ҳам «Тожи-тахт бевафо» деб ўтишган. Бўзчи билганини тўқиши керак. Мен илм деб юрибман. Шуни эпласам ҳам катта гап», дерди.

Адоватнинг асл сабабини Даврон кейинроқ билди: Бекмирзаевнинг уйига қадрдон дўстларидан бири синглиси билан келиб «Синглим ўқишга кирди, вақт-бемаҳал хабар олиб тур», деб тайинлаб кетади. Бекмирзаев қиздан тез-тез хабар олиб туради. Бир кун оқшом чоғи борса, қизнинг уйида ўша нусха ўтирибди. Институтда ишлайдиган яна бир нусха бор. Бекмирзаев бу жувон ҳақида кўп ёмон гапларни эшитган, шунинг учун салом-алик ҳам қилмасди. Бекмирзаев сўрамасданоқ воқеани англаб, ошиқ раҳбарнинг бўйнидан бўғиб кўчага судраб чиқади. Эртасигаёқ дўстини чақиртириб қизни ҳам уйига жўнатади. Сири фош бўлган раҳбар Бекмирзаевдан ўч олиш ниятида уни имкон туғилса-туғилмаса чалишга ҳаракат қилаверади. Тўғрироғи, сири фош бўлгани учун эмас, «Энди Бекмирзаевнинг қўлида қурол бор, амални олиш учун жанг қилади», деган хавотирга тушгани учун унинг кўзини очирмасликка интилади.

Серҳаракат ва сержаҳл устозини эслаб Давроннинг кўнгли бузилди. Машина чироғи тун бағри поралаб қумликлар орасидан ўтди. Йигитали ака ҳамроҳининг руҳи чўкканини сезиб кўп гапга солмади. «Бизникида дам олиб қайтасиз, эрталаб ўғлим келтириб қўяди», деб машинани қишлоқ томонга бурди.

Машина чироғи қоронғилик бағрини поралаб борарди. Дарахт кўланкалари сапчиб-сапчиб, худди сакраётган одамга ўхшаб кетарди. Бирданига рўпарада бўйи икки ярим-уч метрли, фазогирлар кийимидаги яссибош одам кўринди. Даврон Йигитали ака ҳам кўряптимикин, деб унга қаради. Йигитали ака йўлга тикилганича хотиржам ўтирарди. Демак, фақат Давронга кўринаётган экан-да! Кеча тунда улар икки киши эди. Бугун бир ўзи. Даврон бошини суянчиққа қўйиб кўзини юмди. Яна қулоғи шанғиллади. Ҳуштак чалинди. Кейин эшикнинг ғижирлашини эслатувчи овоз...

Бургага аччиқ қилиб...

Машина тўхтаганда Даврон қалқиб кетди. Кўзларини очди. Йўлда ухладими ё туш кўрдими? Қандайдир ғаройиботлар баён этилган китоб ўқиганга ўхшайди. Узун бўй, ясси бош одамлар хаёлига муҳрланиб қолгандай. Нима бўляпти ўзи? Кеча ҳам шундай воқеаларга дуч келганди. Бугун ҳам. Туш деса тушга ўхшамайди. Хаёл деса хаёлмас. Ажаб?!

Йигитали ака чироқни ёқиб-ўчириб эшик томонга имлади.
— Маликаи дилозоримиз кеч кирганда кўчага чиқиб менинг йўлимни пойлаётганмикинлар? — деди кулимсираб.

Даврон жавоб бермади.

Машинадан тушишлари билан аёл эрига яқинлашди:
— Юриш десайла, учиб кетасиз-а, шу топгача тикилавериб кўзим оқиб тушай деди.
— Шу ерга нуқта қўйиб тур. Меҳмон бор-а!
— Меҳмон ҳам билиб қўйсинлар-да. Лип этиб чиқиб кетибсиз, ана келар-мана келар, деб нима хаёлларга бормадик. Райкомдан сўрайвериб безор қилишди.
— Райкомдан?
— Ҳа, райком буванинг ўзи қидиртирибди.
— Нима гапи бор экан?
— Мен қайдан билай? Сизга минг айтдим, шу раис билан ўчакишманг, илдизи қаттиқ, деб. Бирон қийиқ ахтариб топгандир-да. Қай маҳалда келса ҳам райкомга учрашсин, деб кетишди.
— Оббо! — деди Йигитали ака дўпписини олиб бошини қашиган бўлиб. — Бориб келмасам бўлмайди. Қани, сиз ичкарига киринг. Ўғлинг уйдами?
— Ҳа, телевизорга қадалиб футбол кўряпти.
— Чақир дарров. Меҳмонни зериктирмасин. Мен дарров қайтаман.

Йигитали ака Давронни ичкарига узатгач, машинага ўтирди. У тезда қайтмади. Давронни уйқу босди. Айвондаги кўрпача тўшалган жойга чўзилди-ю, таомнинг пишишини ҳам кутмай ухлаб қолди. Тонгда қушларнинг чуғуридан, ишкомдаги тартаракнинг овозидан уйғонди.

Келинчак ҳовли супуриб юрибди. Йигитали аканинг аёли самоварга ўт қалаш билан банд. Ўғли оғилхонада. Ўзи баланд стол устига чиқиб хомток қиляпти. Давроннинг турганини кўриб, токқайчини қўйди-да, пастга тушди.
— Сизга ҳам уйқу бермадикми? — деди кулиб, кейин қозиқдан сочиқ олиб Давронга узатди.
— Тинчлик эканми, жуда ҳаялладингиз?
— Ҳа, тинчлик. Амалдор бўладиганга ўхшайман.
— Чинданми? Бригадирлигингизга қайтдингизми?
— Сал юқорироқдан келаверинг, ҳа, Марказга хат ёзишга ҳожат қолмади. Ҳақиқат юзага чиқиб, райкомнинг ўзидаёқ ҳал бўлибди. Бугун колхозда умум мажлиси. Раисни туширишмоқчи. Менга раис бўласан, деб туришибди. Шунинг маслаҳатига йўқлатишган экан.
— Рози бўлдингизми?
— Менинг розилигим ҳеч гап эмас, халқ рози бўлсин. Халқ менгамас, мен халққа суяниб ишлайман.

Нонуштадан сўнг Давронни машинада элтиб қўйишди.

Кечаги нохуш сайрнинг оқибати сабаблими, нима учундир қўли ишга бормади. Уч ишчи кўҳна уй пойдеворининг ўрни топилган ерни кавлашяпти. Атроф сокин. Табиат ҳам мудраётгандай. Тепаликлар гўё ўз бағрига қандайдир сирни яшириб, мағрур ястаниб ётибдилар. Улар гўё аждодларимиз панжаларининг изига ўхшайди. Табиат кўҳна тарих сирларини шундай муҳрлаб қўйган. Давроннинг, унга ўхшаган археологларнинг вазифаси табиат муҳрини бузиш, сирни очиш. Айрим одамлар уларни эски буюмларни излаб топиб, эски шаҳарларни очиб музей қилишади, дейдилар. Бир жиҳатдан тўғри. Лекин Даврон ўз касбининг моҳиятини бошқачароқ белгилайди. Тарих сирларини очиш— келгусида қўйиладиган хатолар олдини олишга хизмат қилиши керак, дейди. Урушлар, қирғинлар натижасида хароб бўлган, тупроққа кўмилган ҳар бир шаҳарнинг очилиши урушга қарши курашда қурол бўлмоғи керак. Ҳозир биронта авлоди қолмаган жонивор ёки қуш изининг топилиши кўнгилочар овга берилган одамзодни огоҳлантириши зарур.

Даврон шу ўйлар билан турганда уни чақиришди. У тупроқни тўзитиб пастга тушди.
— Катта хум чиқди, — деди ишчилардан бири унга ўйиб қўйилган ерни кўрсатиб.

Даврон тиз чўкканича тик эмас, балки ёнбошлатиб қўйилган хумни кўздан кечирди. Кейин қўлига куракча билан сим чўтка олиб ишга киришди. Ланжликдан асар ҳам қолмади. Уч ишчи куракларини бир-бирига суяб тупроқ уюмига ўтирдиларда, паст овоз билан гурунг бошладилар. Хумнинг атрофи тозалангач, аста кўтариб четга олдилар.
— Ичида бир нарса борми? — деди ишчилардан бири қизиқиб.

Хумнинг оғзи ҳам қалин қилиб суваб ташланган эди. Даврон уни болғача билан аста-аста уриб очди.
— Одам суяклари, — деди Даврон хумнинг оғзини очгач. Кейин қўлини тиқиб калла суягини олди. — Бола экан. Яна бор шекилли? Ҳа... Буниси катта одамники. Икковини хумга тиқиб кўмишган экан.
— Қачон? — деди ишчилардан бири унинг қўлидан калла суягини олиб.
— Сен туғилмасдан бурун, — деди ишчиларнинг иккинчиси.
— Қара-чи, сенинг уруғларингдан эмасми? — деди учинчиси.

Шу зайлда аския бошланди. Даврон суякларни жойига қўйиб ўрнидан турди.
— Анави жонон кимни йўқлаб келяпти экан, — деди ишчилардан бири қўлини соябон қилиб.

Атлас кўйлак кийган, бир қўлида шамсия, бир қўлида сумка ушлаган, қора кўзойнак таққан аёл Давроннинг кўзига иссиқ кўринди.
— Яна вакилмикин?
— Бунақа вакил ҳар куни келса ҳам майли, — деди ишчилардан бири.

Даврон юқорига чиқа бошлади. Ярим йўлдаёқ аёлни таниди — Маҳбуба! Таниди-ю, лол қолди. Юраги тез-тез ура бошлади. Оёқлари эса зилдай оғир. Эллик қадам эмас, эллик чақирим йўл босиб ўтгандай бўлди. Маҳбуба кўзойнагини олиб, жилмайганича унга қўл узатди.
— Салом, кутмаганмидингиз?
— Тўғрисини айтайми?
— Тўғрисини айтганингиз маъқул. Кутган эдим, десангиз бари бир ишонмайман.
— Очиғи, тушимга ҳам кирмаган эди.
— Шу ерда тураверамизми ё саройингизга бошлайсизми?
— Ҳа, ҳозир. Сиз ҳов анави дарахт томонга бора туринг, мен етиб оламан.

Даврон шундай деб пастга тушди-да, йигитларга қилинадиган ишларни тайинлаб изига қайтди.
— Командировкага келган эдим. Ишларим битди. Оқшомги поезд билан қайтаман. бир кўриб кетай, дедим.
— Раҳмат.
— Нимага?
— Эсдан чиқармаганингиз учун.
— Сиз унутиладиган одамлар тоифасидан эмассиз. Аммо мен фикримдан қайтганимча йўқ. Ўша гаплар ўз кучида қолади.
— Бунга шак-шубҳам йўқ.
— Нима учун?
— Феълингизни биламан. Бир сўзли аёлсиз.

Орага жимлик чўкди. Даврон Маҳбуба олдида ўзини ноқулай сезди. Нимадир дейиши, жимликни қувиши, шунча йўл босиб келган аёлни зериктириб қўймаслиги лозимлигини биларди. Лекин нима дейишга ҳайрон эди. Маҳбуба унга қараб туриб кулди.
— Ўтиринг, нима, гапингизни йўқотиб қўйдингизми?
— Йў-ўқ, нимага энди... Ўғлингиз катта бўляптими?
— Ҳа, шўхлик қилиб юрибди. Қиличбозликдан бўшамайди.
— ДъАртанян бўлмоқчими?
— ДъАртанян келмайди, деганимдан бери ўзи Атос бўлиб уни излаб топмоқчи.
— Бундай қилиш ярамайди.
— Сабаб?
— Сиз боланинг сурурини жиловлаб қўйгансиз.
— Шундай бўлгани маъқул.
— Менингча, бу ҳаддан ташқари қаттиққўллик.
— Балки золимлик ҳам дерсиз?
— Шундай деса ҳам бўлади. Бола кинодаги дъАртанянни яхши кўриб қолган. У билан учрашишни орзу қилади. Қаҳрамонликка интилади. Сиз эса унинг йўлини тўсасиз.
— Мажбурман. Унинг алданиб қолишини истамайман. Кино бошқа, ҳаёт бошқа. Интилгани, орзу қилгани билан тополмайди-ку, тўғрими? ДъАртанян бу замонда йўқ. Бўлиши ҳам мумкин эмас. Ундан кўра реал нарсаларни орзу қилишни ўргатишимиз керак.
— Аммо...
— Биз бу ҳақда етарли гаплашиб олган эдик, қайтаришнинг ҳожати бўлмаса керак. Яхшиси, ишингиздаги янгиликлардан гаплашайлик. Шунча ерни кавлаб нима топдингиз?

Иш ҳақидаги гаплар бари бир суҳбатни жонлантирмади. Маҳбуба пешиндан сўнг хайрлашди. Даврон уни катта йўлгача кузатиб қўйди. Маҳбуба унинг ярасини янгилаб кетди.

Даврон ёлғиз ўғил бўлгани учун ёш уйланган эди. Институтда ўқиётган кезлари қишлоққа тез-тез келиб турар, баъзан хотинини шаҳарга олиб қайтар эди. У хотинининг чиройидан нолимасди. Аммо унинг енгил ўйлаши, жиззакилиги сира ёқмасди. Қишлоқда қолган кезлари онаси билан айтишишларини билса ҳам аввалига индамай юрди. Охир сабр косаси тўлиб тартибга чақирганда «онангиз чаққан-да», леб ўзини юлди. Даврон хотинининг бу қадар бефаҳмлигига чидаб туролмади. Анчагача қўйди-чиқди бўлиб юрдилар. Давлат имтиҳонлари арафасида онаси қаттиқ оғриб қолди. Даврон уни шаҳардаги касалхонага олиб келди. Тунлари ўзи навбатчилик қилди. Имтиҳондан бир кун аввал хотинига: «Бугунча сиз навбатчилик қилинг», деганда у одатича пўнғиллаб: «Мен онангизнинг ахлатини тозалайман деб сизга тегмаганман», деди. Давроннинг кўз олди қоронғилашиб кетди. Хотини одам эмас, алвасти бўлиб кўринди. Икки кундан сўнг онаси оламдан ўтди. Даврон хотини билан узил-кесил ажрашди.

Ўтган қишда қадимий манбалардан фойдаланишга эҳтиёж сезиб қўлёзмалар илмий-текшириш институтига келди. Шу ерда ишловчи қорачадан келган бўлиқ жувон эътиборини тортди. Бурнининг бир оз пучуқ эканини айтмаса, кўзлари кулиб турувчи бу жувоннинг истараси иссиқ эди. Аёлларга гап ташлаб, илитиб олиш истеъдодидан бебаҳра бўлган Даврон уни зимдан кузатар, айтилиши керак бўлган гаплари ичида қолиб кетарди. Хонадаги аёлларнинг гап-сўзидан бу жувоннинг бевалигини билиб бир куни сайрга таклиф қилди. Аёл ноз қилиб ўтирмай рози бўлди. Давроннинг қалбига ўт қалаган бу жувон — Маҳбуба эди. Шундан сўнг бир-икки марта кинога киришди, оқшомлари сайр қилишди. Дарҳақиқат, Маҳбуба ақлли аёл эди. Даврон, Маҳбуба сўрамаса ҳам хотини билан ажралиш сабабини айтиб берди. Маҳбуба унинг ҳикоясини жимгина эшитди. Давронга «Сиз ҳақ ёки ноҳақ бўлгансиз», ҳам демади.
— Нимага индамай қолдингиз? — деди шунда Даврон.
— Бирон нарса дейишим керакми?
— Ҳар ҳолда...
— Йўқ, мен бирор хулоса чиқаролмайман. Сиз ўзингизча ҳақсиз, хотинингиз ўзича. Хотинингизни ёқласам, сизга малол келади, сизни ёқласам... Ҳар ҳолда хотин кишининг аҳволини тушунишга ҳаракат қилиш керак.
— Ахир...
— Келинг, бу ҳақда тортишмайлик. Мен мақсадингизни тушундим. Сиз энди мендан ажралишим боисини сўрамоқчисиз. Эримни ёмонламайман, чунки уни яхши кўриб текканман. Қўполлик қилмаган, сира сўкмаган, маст-аласт юрмасди, ақлли эди. Лекин турмуш учун шунинг ўзи кифоя эмас экан. У энг муҳим нарсани — мустақил ҳаёт кечиришни билмас эди. Ҳатто болалик бўлгандан кейин ҳам ота-онасининг оғзига қарарди. Ота-онаси нима деса шу. Ёт деса ётади, тур деса туради. Манави ишни қил, деса бажаради, қилма деса, тегмайди. Мен «театрга борайлик», десам, отасидан маслаҳат сўрайди. Қайнатам борманглар деса, индамай бўйин эгиб келаверади. Қайнатам билан қайнанам ҳам ёмон одамлар эмас эди. Аммо уларнинг дунё-қараши бошқа, бизники бошқа. Улар бошқа даврда шаклланишди, биз бошқа даврда. Улар театрсиз ҳам яшаш мумкин, дейишади. Аммо биз бундай қилолмаймиз-ку! Буни уларга ётиғи билан айтсангиз тушунишади-ку. Йўқ, эрим буни айтолмас эди. Гапимни тўғри тушунинг, мен уни ота-онасидан бўйин товласин, демоқчи эмасман. Эркак эркак бўлиши, мустақил фикрлаши, ҳаёт кечириши керак. Айрим эркаклар ғурурларини ерга уриб юришади. Меники ҳам... Шунинг учун ажрашдик.
— Эркак кишининг бунчалик бўлиши ярамайди.
— Илтимос, эримнинг яхши-ёмонлигини муҳокама қилманг.

Шу суҳбатдан сўнг Давроннинг унга нисбатан бўлган меҳри янада ортди. Оқшомги сайрлардан бирида унга муддаосини айтди.
— Шундай мақсадингиз борлигини биринчи учрашувдаёқ сезганман, — деди Маҳбуба. — Сиз билан бирга юриб уйга кеч қайтганимда ўғлим кутиб оларди. «Қаерда эдингиз?», деб сўрарди. «Уч мушкетёр»ни кўргандан бери дъАртанян тилидан тушмай қолган. Шунинг учун мени «дъАртанянни кўргани бордим», дердим. Ўғлим дарров мени сўроққа тутарди. «ДъАртанян бизникига ҳам келмадими?», деб ҳол-жонимга қўймасди.
— Сиз нима деб жавоб қилардингиз?
— Келади, дердим... Лекин кеча... келмайди, дедим.
— Нима учун?
— Буни сизга тушунтиришим қийин. Назаримда, ҳозирги эркаклар анча майдалашиб кетганга ўхшашади. Ғийбат хотинларга ярашадиган нарса. Лекин эркаклар ҳам ғийбатдан бўшамай қолишган. Мард, жасур, бир оз қўпол, эпчил эркаклар оз жуда. Бунинг ўрнига худбинлар, мешчанлар кўпайиб кетаётганга ўхшайди.
— Унчалик эмас... Эркаклар мардлиги, жасурлигини сизга қандай намойиш қилиши керак?
— Намойиш қилиш шарт эмас. Одамнинг феъли, хатти-ҳаракатидан, сўзларидан билиниб туради. Масалан, бир одам сувга чўкяпти, сиз ўйлаб ўтирмай қутқаришга ташланасизми?
— Шахсан менми ё умуман айтяпсизми?
— Шахсан ўзингиз.
— Мен сузишни яхши билмайман.
— Ахир бир одам ўляпти-ку!
— Мен ўзимни сувга ташлаганим билан уни бари бир олиб чиқолмайман. Ўзим ҳам...
— Ана, кўрдингизми, сиз ҳам йигирманчи аср вакилисиз. Эркаклар, хотинларнинг қош-кўзини мақтаб, ашула айтиб оҳ-воҳ қилиб юраверишади...
— Сиз жуда ошириб юбордингиз. Фикрингизга мутлақо қўшилмайман. Масалага тўғри ёндашиш керак.
— Ана кўрдингизми, «масалага ёндашишимиз» бутунлай бошқа-бошқа. Сиз эса «дъАртанян келмайди», деганимдан норозисиз.

Жавоб равшан эди. Даврон у билан бошқа учрашмай қўйди. Лекин унута олмади. Маҳбубани чиндан яхши кўриб қолган эди. Унинг кулиб турувчи кўзлари, қорачадан келган чеҳраси нигоҳи олдидан кетмасди. Лекин бош эгиб боришга ғурури йўл бермади.

Бугун Маҳбубанинг ўзи шунчаки келдимикин ёки фикри ўзгарганини билдириб кетдими?

Орадан беш кун ўтгач, Даврон институтдан телеграмма олди. Раҳбарлар «Масалани биргаликда ҳал қилиш учун» уни чақиришибди. Масала Даврон ўйлагандан ҳам тез ҳал бўлди. У идорада ярим соатгина ўтирди. Идора соҳибига хайр ҳам демай, хонадан чиқди-ю, котибадан бир варақ қоғоз сўраб олгач, нима деб ёзишни билмай ўйланиб қолди. Аввал норозилигини ифода этиб, сўнг бўшатишларини сўрасинми ёки оддийгина қилиб «Ўз хоҳишим билан», деб ёзсинми? «Норозилик билдирсам гап кўпаяди. У эди, бу эди, деб аризамни қўлимга қайтариб беришади. Бу одамга бас келиб бўлмайди. Тинчгина «ўз хоҳишим билан бўшатинг», деб қўя қоламан». Даврон шу қарорга келиб, икки сатрдан иборат аризани ёзди-да, котибага берди. Кўчага чиққач, вужудидан бир нарса узилиб тушиб қолгандай бўлди. «Бекор қилдимми?» деган савол миясига гурзи бўлиб урилаверди. «Аризамни қайтариб олсаммикин», деган хаёлга ҳам борди. Аммо одам зотидаги хоҳиш ва журъат ўртасида мутаносиблик бўлавермайди. Тўғрироғи, истаган ишини амалга оширишга журъат қила олувчилар кам. Аксар одамларда бирор нарсага хоҳиш туғилган онда турли хаёлларга, баъзан истиҳолага бориб, баъзан кимгадир раҳм қилиб, баъзан эса кимдандир ўч олиш қасдида ёниб, ўйлаган ишини бажармайди. Даврон ҳам шундай кишилар тоифасидан. У телеграммани олган заҳотиёқ, кимга учрашишини, нима гаплар бўлишини тахмин қилганди. Шубҳаси тўғри чиқди: уни дотсент Бекмирзаевни жинидан баттар ёмон кўрувчи институт раҳбарларидан бири — Ниёзнинг қариндоши йўқлатган эди. У Давронни очиқ чеҳра билан қарши олди. Энг яқин меҳрибонларидан ҳам эшитмаган ширин гапларни шу кишидан эшитди. Даврон бу лутфу карамнинг ниқоб эканини, ниқоб ортида ўткир тиғли ханжар шай турганини яхши тушуниб турарди. Унинг ақли фақат бир нарсадан лол эди: Бекмирзаевку оламдан ўтиб кетди. Энди Бекмирзаев бошлаган ишни тўхтатишдан нима наф кўрмоқчи бу одам? Наҳотки Ёзёвондаги қазишмаларнинг мутлақо келажаги бўлмаса? Йўқ, косанинг тагида ним коса бўлиши аниқ! Фақат ниқоб қачон очилади-ю, ним коса қачон юзага чиқади, шуниси номаълум. Одатда, маккорлик бобида хотинларнинг тенги бўлмайди, дейишади. Айтишларича, Амазонка соҳилларида пўсти бебаҳо саналувчи баҳайбат бўғма илон яшаркан. Ҳар қандай кучли, ҳар қандай довюрак эркак ҳам у билан юзма-юз келса ҳаётдан умидини узиб қўяверар экан. Ана шу баҳайбат илонни чиройли аёллар осонгина тутиб беришаркан. Улар илоннинг ини ёнига келиб, кийимларини ечиб онадан қандай туғилган бўлсалар, шу ҳолга келиб турарканлар. Ошиқ илон унга ўралиб маст бўлгач, панадаги эркаклар чиқиб уни саранжомлар эканлар. Даврон идорада ўтириб раҳбарнинг сўзларини тинглар экан, ўша бахтиқаро илонлар билан гўзал, айни чоғда маккор аёлларни эслади.
— Мен Бекмирзаевни ғоятда ҳурмат қилардим. У ноёб истеъдод эгаси эди. Дўстим бошлаган ишни давом эттириш қасдида эканингизни билиб, бошим осмонга етди. Бироқ...

«Аёл ечинди. Энди илон ташқарига чиқиши керак», деб ўйлади Даврон.
— Бироқ... ўзингизга маълум, ҳамма ишимиз режа асосига қурилган. Шунга яраша маблағ ажратилади. Ёзёвондаги иш яқин йиллардаги режамизда йўқ эди. Аммо Бекмирзаевга нисбатан бўлган ҳурматим туфайли ўртоқлардан илтимос қилиб ўртага тушган эдим. Афсуски, биз режамиздаги ишларнинг хотимасини ҳам ўйлашимиз керак.

«Илон аёлга чирмашиши керак. Лекин мен сен ўйлаганчалик гўл эмасдирман», деб ўйлади Даврон унинг сўзларини диққат билан тинглар экан.
— Шунинг учун Ёзёвондаги ишни вақтинча тўхтатамиз. Пискентдаги ўртоқлар ёрдамга муҳтож. Сизни ўша экспедитсияга раҳбар қилиб тайинлаймиз...

Кутилмаганда илон яланғоч аёлга чирмашиш ўрнига атрофида бир айланди-ю, овора бўлиб ечингани учун унга раҳмат айтиб изига қайта бошлади.

Аввал озгина баҳс бўлди. Давроннинг барча тушунтиришлари «Тўғри-ю, лекин илож қанча?» қабилидаги сўзлар билан бўғилди.

Давроннинг жони ҳиқилдоғига келиб қолди. Нима қилиш керак, бу одамни уриб бўлмаса, сўкиб бўлмаса... Тушуна туриб ўзини гўлликка солади. Қайсар эшакдай оёқ тирайди. Давроннинг хуноби ошгандан ошиб, охири «Ёзёвонда иш тўхтаса, мен бу ерда қололмайман», деб юборди. Назарида, раҳбар шу гапдан кейин сал пастга тушиши керак эди. Йўқ, бундай бўлмади. У ўша-ўша мулойимлик билан «Хоҳишингиз, ўзингиз истамасангиз сизни зўрлаб ишлата олмаймиз. Истеъдодингизга тан берардик, аммо иложимиз қанча!», деб қўя қолди.

Даврон кўчада кета туриб унинг ҳар бир сўзини қайта-қайта эслади. Тиржайиб тилла тишларини намойиш этувчи, ҳиссиз боқувчи, силлиқ, ажинсиз юзларига совуқ парда тортилган бу одам унинг кўз олдида туриб олди.

У қаерга боришни, дардини кимга тўкиб солишни билмади. Бўлган воқеадан хабар топган ҳар бир қадрдони, шубҳасиз, «бургага аччиқ қилибсан», деб насиҳатга тушади. Бундай гапларга Давронда сира тоқат йўқ. У ўзини ҳақ деб билади — тамом! Даврон аввалига кўчадаги одамлар оқимидан ажраб, холироқ ерга— катта анҳор соҳилидаги мўъжаз боққа бормоқчи эди. Аммо нима учундир троллейбусга чиқиб темир йўл бекати томонга кетди.

Бекатдаги одамлар инига чўп суқилган арилардай тиним билишмайди. Даврон керакли поезднинг жўнаш вақтини билса-да, қатнов жадвали олдида узоқ туриб қолди. «Уйга кетворсаммикин? — деб ўйлади у. — Бир-икки йилдан кейин қайтиб келаман. Ахир у бир умр ишламас-ку... Мен ҳам кўпроқ оғзида иш бажарадиган одамга айланиб боряпман. Бирданига ариза ташладим. Бирданига кетмоқчиман. Неча йиллик ҳаётимни тупроққа қориштириб қайтмоқчиман. Кетмайми? Унда бу ерда нима қиламан? Ишга қайтмайман. Курашишга қўлим калта. Бировдан ёрдам сўрамайман. Калла ғовлаб кетди...»
— Қайси томонларни мўлжал қилиб турибсан?

Даврон орқасига, овоз келган томонга қаради. Бир қўлида катта чамадон тутган, катта тугунни қўлтиқлаб олган, кийимлари анча уринган, соч-соқоли ўсган ўттиз беш ёшлардаги кишини аввалига танимади.

  

— Нимага анқайиб қолдинг, кардинал, танимадингми?
— Талъат ака?
— Ҳа, ўзимман. — У шундай деб чамадонни ерга қўйди-да, қўлтиғидаги тугунни бўшатмаганича унга қўл узатди. — Қаёққа бормоқчисан?

Даврон қаерга боришини ўзи ҳам билмагани учун жавоб қайтаришга тараддудланди. Талъат буни сезди. Елкасига мушти билан аста туртиб кулди.
— Бошинг оққан томонгами? — деди у жадвални имлаб кўрсатиб. — Мен ҳам ҳайрон бўлиб турибман.
— Яна дайдиликнинг хумори тутдими, дейман?
— Дайдилик дейсанми? — Талъат бош чайқади. — Йў-ўқ, кардинал, буниси дайдилик эмас.
— Сайрми?
— Бу сўзинг ҳақиқатга яқинроқ. Сайр ҳам сайр, саргардон ҳам сайр деган гаплар бор бу ёруғ оламда, эшитганмисан? Қани, юр ташқарига чиқиб ҳангома қилайлик. — Талъат шундай деб чамадонни кўтарди-да, бекат рўпарасидаги дарахтзор томон йўл бошлади. Даврон унга сўзсиз эргашди. Бир жиҳатдан ҳамқишлоғини учратиб хурсанд бўлди. Талъатнинг сўраб-суриштириш одати йўқ.

Даврон Талъатни мактабда ўқиб юрган кезларидан бери билади. Аммо шу пайтгача унинг феълига тушуна олмайди. Эси бутун десанг, дам тоғдан, дам боғдан келади. Ҳеч кимнинг отини айтиб чақирмайди. Бировга «кардинал», бировга «моестро», аёлларга «леди» деб мурожаат қилади. Савдойимикин, деб ўйласанг, гаплари маънодан холи эмас. Одамларга ёмонлик қилмаган, оғзидан ҳақорат учганини ҳеч ким билмайди. Айни чоғда у қишлоқдаги тенгдошларига камдан-кам қўшиларди. Йигитлар чойхонада ошхўрлик қилаётган дамда у қайси бир овлоқ жойда ёнбошлаб китоб ўқиётган бўларди. Китобни севиш, қадрлашни Даврон Талъатдан ўрганган. Даврон ўшанда тўққизинчи синфда ўқирди. Ҳарбий хизматдан қайтган Талъат шу синфдаги Машкурага кўнгил қўйди. Даврон у кезлари Машкуранинг партадош дугонаси билан кўз уриштириб юрарди. Даврон билан Талъатнинг яқинлашувига шу қизлар сабаб, деса ҳам бўлади. Чунки Машкура Талъат билан учрашувга сира ёлғиз бормас, табиийки, дугонасига қўшиб Давронни ҳам судрарди. Уларнинг суҳбатлари турли китобларда баён этилган воқеалар атрофида бўларди. Талъат ҳар учрашувга янги китоб кўтариб келарди. Тўғри, баъзан у мақтаган асарни охиригача ўқишмасди. Улар кўпроқ севги учун курашувчи ошиқ-маъшуқларнинг бошидан кечирганлари, уларнинг бир-бирига роз айтишию биринчи бўсанинг мазаси каби гаплар ёзилган китобларни берилиб ўқирдилар. Даврон ўша дамдаги китобсеварлигини эсласа соддалигидан кулиб қўяди. Йўқ, буни соддалик деб ҳам бўлмайди. Мўйлаблари энди сабза уриб, овозлари дўриллаб, қизларнинг билагига бармоқ учи тегиб кетганда энтикадиган, куну тун қизларни ўйлайдиган ёшда бундан ўзгача бўлиши ҳам мумкин эмас. Бу ёшда бир сатр фалсафа, бир сатр ақлли гап улар учун ортиқча. Бир бўса тарихини баён этувчи ёстиқдай китоб эса етарли эмасдай туюлади. Хуллас, кўз очиб юмгунча сурурга бой дамларнинг ниҳояси кўрина бошлади. Газеталарда ёзилавериб сийқаси чиқиб кетган ибора билан айтганда улар «мустақил ҳаёт остонасига» қадам қўйдилар. Қўйдилар-у, биргаликда учрашувлар, китобхонликлар барҳам топди. Талъатнинг онаси Машкураларнинг кўчасини бир неча бор супурди. Икки йил мобайнида «Талъат» деса кўзи ёнувчи Машкура бирданига ўзгарди қолди. Совчилар қуруқ қайтишаверди. Талъат нима гап бўлаётганини англаб етмай Машкуранинг тўйи ҳақидаги хабар тарқалди: у РайПО мудирининг ўғлини танлабди. Талъат буни эшитди-ю, қишлоқда кўринмай қолди. Даврон бир куни Машкурани кўчада учратиб «Нимага бундай қилдинг?» деб сўради. У эса қошларини чимириб: «Нима, у билан чимилдиқда ҳам китоб ўқиб ўтиришим керакмиди?» деди. Даврон қулоқларига ишонмади. Машкурадан шундай гап чиқиши, унинг бу қадар тез ўзгариши етти ухлаб тушига кирмаган эди.

Даврон ўша йили ўқишга кираман, деб шаҳарга йўл олди-ю, қуруқ қайтди. Кузда ҳарбий хизматга кетди. Хизматни тугатиб, институтга кираман деб юрганида Талъат қишлоққа қайтиб келди. У уч йил шаҳарма-шаҳар юрибди. Институтга ҳам кириб ўқибди. Аммо ўқиш ёқмай, ташлаб қишлоққа қайтибди.
— Шаҳарнинг оҳанрабоси бор, деб ўйлардим, — деди у бир куни Давронга ёрилиб. — Йўқ, алдамчи ҳис экан. Шаҳарларнинг ҳавосига, шовқинига, ҳаракатига кўника олмадим. Кунда йигирма тўрт соат ҳаракатда бўлсанг ҳам вақт етишмайди. Бундай орқангга қарасанг, умринг бекор ўтаётганга ўхшайди.

Даврон ўшанда унга тайинли бир гап айтолмаган эди. Кейинчалик ўзи шаҳарда ўқиб, ишлаб юрган кезларда унинг бу гапини кўп эслади, мулоҳаза қилди. Талъат мутлақо ноҳақ эди. У шаҳарларни мақсадсиз кезди. Институтга ҳам бемақсад кирди. Шунинг учун охиригача ўқигиси келмади. У яшамоқнинг мазмунини (гарчи кўп ўқиган бўлса-да) яхши англаб етмаган эди. Шу сабабли умри бесамар ўтаётганадй туюларди. У қишлоққа қайтгач ҳам тайинли ишга қўл урмади. Боққа қоровуллик қилиб, бўш вақтини яна китобларга сарфлади. Даврон ўқишга кетадиган чоғда унга бир китоб совға қилди.
— Шу ерда ўқиб ол. Бундан сўнг биронта ҳам китоб ўқий олмайсан, —деди у.
— Нимага? — деди Даврон бу гапдан ажабланиб.
— Шаҳарга борганингда биласан. — Талъат бошқа сўз айтмай орқасига қайтган эди.

Дарҳақиқат, Даврон бир-икки йил бадиий асар ўқий олмади. Институтнинг дастлабки курсларида вақтни тўғри тақсимлай олмай кўп қийналди. Кейинчалик барча иш учун вақт топадиган бўлди. Китоб ҳам ўқиди. Фақат аввалгидай дуч келганини эмас, танлаб, саралаб ўқиди...

Бекат эшигидан чиққач, катта кўчани кесиб ўтиб дарахтзор ўртасидаги ўриндиқдан жой олгунларига қадар Даврон мана шуларни хаёлидан ўтказди. Талъат кўкрак чўнтагидан ярим чекилган сигаретни олиб тутатди. Бир-икки тортгач, йўтали тутди.
— Шу ҳам ёқмай қолди, чекмай десам, ўрганиб қолганман, ташлашнинг иложи бўлмаяпти. Чексам йўтал тутади.
— Иродангиз бўшашиб қолибди.
— Аввал мустаҳкам эдими? — Талъат қўл силтади.— Бу соҳада ўзгариш йўқ, кардинал. Ишларинг қалай?

— Yomon emas.

— Ёмон эмас, деганинг «унчалик яхши эмас», деган маънони ҳам англатади. Бекатда довдираб турганингдан билувдим. Лекин нима учун яхши эмаслигини суриштирмайман. Бу сенинг шахсий ишинг.
— Битта аблаҳ одам бор... — Даврон ўзи билмаган ҳолда ёрила бошлади. Лекин Талъат уни гапиртиришга қўймади.
— Агар бу дунёда фақат биттагина аблаҳ одам бўлса, дўппини чамбарак қилиб юрса арзирди. Ҳа, менинг қишлоқдан нима учун кетаётганимни билмайсан, а?
— Бу сизнинг шахсий ишингиз... — деди Даврон унинг гапига шама қилиб. Талъат бунга эътибор бермади. Ўчиб қолган сигаретасини яна ёндирди.
— Қишлоқнинг тинчи бузилди. Завод қурилаётганини эшитгандирсан? Энди қишлоғимиз шаҳарга айланаркан. Ўзим шаҳардан безиб қишлоққа қайтиб келгандим. Энди қайга боришни билмай гарангсиб турибман.
— Талъат ака, бир гап айтайми?
— Айтма, кардинал. Насиҳатга муҳтож эмасман. Яхшиси ортиқча пулинг бўлса озроқ қарз бер. Тиланяпти, деб ўйлама. Тирикчиликка етарли маблағим бор. Фақат бирор ерга бориб ишга жойлашгунимча етмай қолиши мумкин. Биринчи маошимдан қайтариб юбораман.

Даврон чўнтагида борини берди. Ҳар эҳтимолга қарши деб, ўзига бир-икки сўм олиб қолди.

Талъат пулни қўлида ушлаб, унга тикилганича жим ўтирди. Афтидан пул сўрашга сўраб қўйиб, энди ичини ит таталаётган эди.
— Қишлоққа борсанг... опамникига кир. Китобларимни ўша ерда қолдирганман. Бир тўпини сен учун ажратиб қўйган эдим. Ҳаммасини ола қол. Бари бир у ерда ҳеч ким ёлчитиб ўқимайди. Хор бўлиб, титилиб кетади. Сен яхши асрайсан... Пул берганинг учун инъом қилаётганим йўқ, аввалдан шундай ниятим бор эди... Қарзимни албатта қайтараман.
— Қистаётганим йўқ шекилли? Китобларни сота қолмабсиз-да?
— Китоб сотганимни кўрганмидинг? Уларнинг ҳар бир саҳифасига умримни берганман-ку!? Одам умрини сотиши мумкинми? Сотолмайди. Одам фақат икки нарсасини — бахтини ёки қайғусини сотиши мумкин. Бахтини қизғанади. Қайғусини эса ҳеч ким олмайди. Ҳатто сен ҳам мени тушунмайсан...

Талъат пулни чўнтагига солиб ўрнидан турди.
— Уйга бориб чой-пой ичайлик.
— Йўқ, уйингга бормайман. Чой десанг майли, чойхонага ўтайлик.

Улар анҳор ёқасидаги чойхона томонга юрдилар. Тушлик пайти яқинлашган эди. Даврон бир чойнак чой билан икки пиёлани хонтахтага қўйиб «Бир чиннидан лағмон олиб келай», деб емакхона томонга ўтди. Навбат кутиб пича туриб қолди. Икки қўлида икки косани кўтариб чойхона томонга ўтди-ю, ҳозиргина Талъат ўтирган жойнинг бўшаб қолганини кўриб ажабланди. Хонтахта устига тўнтариб қўйилган пиёлани олгач, воқеага тушунди: Талъат Даврон берган пулни шундайлигича қўйиб кетибди...

Даврон аввалига унинг орқасидан бормоқчи бўлди. Сўнг боришнинг бефойдалигини билиб жойига қайтди. Дили баттар хуфтон бўлиб томоғидан овқат ўтмади. Тез-тез юриб кўчага чиқди-да, троллейбусга ўтириб уйига жўнади.

Кўча юзидаги ойнаванд дўкон олди гавжум эди. Даврон беихтиёр ўша томонга юрди. Муздек пивони кетма-кет сипқоргач, сал кайф қилди. Кўнгли хуш бўлмай, баттар асабийлашди. Шунда ҳам тургиси келмади. Атрофда тўп-тўп бўлиб ўтирган пивохўрларнинг айримлари фақат ўзлари тушунадиган пайровда аския қилар, баъзилари қаттиқ баҳслашар, яна бировлари сигарет тутатганича хотиржам суҳбат қурар эди. Давронга ўхшаш якка-ёлғиз пивохўрлар эса уларга қизиқишсиз қараб ўтиришар эди. Пиво таъсир қилдими ё ҳавонинг қизигани сабаб бўлдими, ҳар нечук уни уйқу босди. Кўзлари юмилиб кетаверди. Шунинг учун ўрнидан туриб уйига кетди.

Хонасига кириб чўзилиши билан уйқу қочди. Эрталабки нохуш суҳбат, ёзиб ташлаб келган аризаси хаёлидан нари кетмай қолди. Ўрнидан туриб кетди. Хонада бир оз юриб яна ётди. Яна турди. Китоб олиб ўқимоқчи бўлди. Кўзлар ҳарф теради, аммо нима ўқиётганини ўзи ҳам билмайди. Сатр охирламай туриб сўзларни унутади. Шу зайлда азоб чекиб ўтирганда қўнғироқ жиринглади. Эринибгина туриб эшикни очди. Остонада жилмайиб турган Маҳбубани кўриб кўзларига ишонмади.
— Остонада сўрашиш гуноҳ ҳисобланаркан, — деди Маҳбуба кулимсираб.

Даврон шундагина хаёлини жамлаб уни ичкарига таклиф қилди. Бетартиб сочилиб ётган нарсаларни шошиб йиғиштиришга тушди. Маҳбуба унинг ҳаракатларига бир оз қараб турди-да, кейин ёрдамлаша бошлади.
— Сиз... уринманг, ўзим... ўзим йиғиштириб қўяман. Меҳмоннинг ишлаши айб бўлади.
— Эркак кишининг уйда ивирсиб юрганини кўрсам ғашим келади.

Даврон кулимсираб қўйди.
— Сизни кўчада кўриб қолдим. Ишхонангизга телефон қилсам, бир қиз ишдан бўшаб кетдилар, деди. Ҳайрон бўлиб уйингизга келавердим. Тинчликми ўзи?
— Тинчлик...
— Айтишиб қолдингизми?

Даврон бош ирғади. Аёл кишига ҳасрат қилишни истамади. Аммо Маҳбуба гапни айлантириб шу мавзуга тақайвергач ариза ёзишининг боисини қисқа қилиб айтди.
— Фақат «Бургага аччиқ қилибсиз, иродангиз бўш экан», деманг. Насиҳат ҳам қилманг, илтимос.
— Энди нима қилмоқчисиз?
— Билмадим.
— Қўли кучли бирни, билими кучли мингни енгар, деган ҳикмат бор. Йиғламсираш сизга ярашмайди.
— Нима дедингиз!? Йиғламсираш?.. — Бошқа сўз айтишга, ўзини оқлашга, Маҳбубанинг ноҳақлигини исботлашга тили айланмади. Маҳбуба уни ҳақорат қилиш ниятида бундай демади. Ачинганидан, куюнганидан айтди. Ўйлаб қараса, бир жиҳатдан гапи тўғри. Эркак кишининг аёл олдида ночор аҳволда мунғайиб ўтириши дарҳақиқат уят. Давронни бу ноқулай аҳволдан Маҳбубанинг ўзи қутқарди.
— Қилаётган ишингизнинг тўғрилигига ишончингиз комилми? — деди.
— Ҳа.
— Унда чекинманг, бўш келманг.
— Биламан! Чекинмоқчи эмасман! Йиғламсираётганим ҳам йўқ! Мен бу ишни охирига етказмай қўймайман!

Давроннинг кун бўйи йиғилиб қолган дарди бақириққа айланиб юзага чиқди. Беайб аёлга бақиришнинг ноўринлигини билса ҳам ўзини тута олмади. Маҳбуба унинг гапларини индамай эшитди. Даврон жим бўлгач, ўрнидан турди.
— Маҳбуба, кечиринг, ўзимни тутолмадим, — деди Даврон унинг йўлини тўсиб.
— Хафа бўлганим йўқ. Уйга барвақтроқ қайтишим керак. Ўғлим бетоб. — У шундай деб Давронни четлаб ўтди. — Умуман эркак кишининг бақириб туриши ҳам яхши. Лекин бесабаб бақириш унинг жоҳиллигини фош қилиб қўйиши мумкин.

Маҳбуба эшикни оҳиста ёпди. Бироқ Давроннинг назарида, эшик жуда қаттиқ ёпилгандай, уй титраб кетгандай бўлди.

Бу кеч мутлақо ухлай олмади. Аввалига бўлиб ўтган воқеаларни ақл тарозусига бир-бир қўйиб чиқди. Боши ёстиққа тегиши билан қулоғи шанғиллади. Кейин ҳуштак, сўнг эшикнинг ғижирлашини эслатувчи овоз. Юракнинг тез-тез уриши... Бу сафар ваҳима билан туриб кетди. Чироқни ёқди. Кўзгуга қаради: хиёл қисиқ кўзлари қизариб кетган, тепага таралувчи сочлари паришон. Озганга ўхшайди. Ёноқ суяклари бўртиб қолибди. Гўё кўзгудан унга яссибош одам қарагандай бўлди. Даврон сесканиб ҳовлига чиқиб кетди. У ҳовлидаги сўрига суяниб очиқ эшикка тикилиб турди. «Ким бу ўзи? Нима учун таъқиб қиляпти? Нима учун мен ғалати воқеалар домига тортиляпман? Аллақандай яссибош уч бармоқли одамлар... Туш кўряпманми? Ахир бу тез-тез такрорланяпти-ку! Бугун учинчи марта кўриниши. Асабларим чарчаганми? Ё руҳий касалга чалиндимми? Ичкиликка берилган одамларни шарпалар таъқиб қилади, дейишади. Балки мен ҳам. Ахир, мен кўп ичмайман-ку...»

Йўқ, Даврон руҳий касалга чалинмаган эди. Уни шарпа таъқиб этмасди. Унинг кўзига Ниг кўринаётган эди. Табиатда ҳеч нарса изсиз йўқолмайди. Бундан неча асрлар муқаддам Ерга келиб кетган Ниг атмосферанинг ҳали одамзодга номаълум зарраларида яшаб юрарди. Ерни ўрганиш мақсадида, сайёранинг бир нуқтасига қадалиб қолган асбоблар ҳануз ишлаб турар, у ўзининг тўлқинлари билан Давроннинг мия тўқималарига таъсир этиб қўйган эди. Бу ўзгариш дотсент Бекмирзаевда ҳам содир бўлган, аммо бевақт ўлим уни келгуси синовлардан маҳрум қилган эди. Ёзёвондаги қазилмаларда танаффуссиз ишлаётган Даврон Унетдан келаётган тўлқинлар домига тобора чирмашар, табиийки, буни ўзи сезмас эди. У очиқ эшикка узоқ тикилиб турди. Юрак уриши мўътадиллашгач, озгина хавотир билан ичкарига кирди. Чироқни ўчирмай ётди. Аммо шу топнинг ўзида қулоғи шанғиллади, кўзига яссибош одам кўринди.

Улоқ

Даврон нима қиларини билмай яна икки кун шаҳарда қолиб кетди. Юраги сиқилиб, дуч келган одам кўзига олчоқ бўлиб кўринаверди. Кечалари уйқуда ҳаловат йўқ. Кундузи бировга ёрила олмай қийналади. Ниҳоят учинчи куни оқшомда бекатга йўл олди.

Қишлоғига ҳам сиғмади. Юраги тошиб кетаверди. Устига-устак хотини ҳақидаги (қўйиб юборган бўлса ҳам) миш-мишлар кўкрагига чўғдай босиларди. Шунинг учун автобусга ўтириб Ёзёвон томонга жўнади. Шу кунлар ичи хаёлида бир режа куртак очган, аммо уни амалга ошириш йўлини белгилай олмай гаранг эди.

Аввалига колхозга бориб Йигитали акани топмоқчи ҳам бўлди. Бироқ хаёлимни бир ерга тўплаб олай, деган қарорга келиб тўғри қазилма манзилига ўтиб кетди.

Чодирлар йиғиб олинган. Ўйдим-чуқур ер етим қолгандек мунғайиб турибди. Енгил шабада қўзғалган кезлари ғубор бир кўтарилади-ю, гўё эрингандай, яна оҳиста ерга қўнади. Хаёлини жамлаш мақсадида бу ерга келган Даврон калаванинг учини бутунлай йўқотди. Узоқ вақт нест бўлиб турди. Кейинги кунлар ичидаги воқеалар, кўрган одамлари, суҳбатлар, ғижирлаб асабга тегувчи эски чархпалак сингари қайта-қайта ёдига тушаверди. Туравериб оёқлари толиқди. Аста юриб пастга тушди. Дарҳақиқат, ер кўп кавланди. Аммо натижа етарли бўлмади. Лекин бу ҳеч қачон, ҳеч қаерда ишни муддатидан илгари, чала ҳолда тугатишга асос бўлган эмас. У одам ё жоҳил, ё худбин, ё олчоқ ёки ҳийлагар. Балки шу тўрт «фазилат»ни биратўла ўзида мужассамлантира олган бадбахтлардандир? Мана шу ер, мана шу тупроқ неча асрларни кўрди, неча хил воқеага гувоҳ бўлди, неча-неча одамнинг қонини, кўз ёшини шимди. Шунинг учунми, тупроққа ҳам, заминга ҳам табаррук, деб нисбат берилади. Аммо табаррук тупроқни топтаб ўтган неча-неча аблаҳ ҳеч кимнинг хаёлига келмайди. Замин одамзоднинг ҳамма тоифасини ардоқлаб, бағридан неча йиллаб жой беради. Агар Ерда инсоннинг ҳисси, туйғуси бўлгандами, елкасида шунчалар ҳаромхўр борлигини билиб аллақачонлар ёрилиб кетарди. Одамзоднинг бахтига замин инсоннинг тоифаларга ажралганини билмайди.

Даврон шундай хаёллар оғушида текширилаётган ерларни айланиб чиқди. Юқорига кўтарилиб, чангни тўзитганича яқинлашаётган машинага кўзи тушди. Машина Давроннинг шундай ёнида тўхтади. Чанг тўзони машинани қувиб етиб, атрофини бир зумгина қуюн каби ўраб турди. Бу орада машина эшиги очилиб Йигитали ака кўринди. У қўли билан чангни ҳайдаган бўлиб Давронга яқинлашди.
— Сизни ўғлим катта йўл ёқасида кўриб қолган экан. Хабарингизни эшитиб шу ердадирсиз, деб келавердим, — деди Йигитали ака у билан омонлашиб бўлгач.
— Раҳмат, раис бува, — деб жилмайди Даврон, — ўзим ҳам ҳозир сиз тарафга бормоқчи бўлиб турувдим.
— Қани, бўлмаса кетдик.

Йўл-йўлакай Даврон бўлган гапларни қисқа қилиб айтиб берди. Йигитали ака унинг сўзларини бўлмай эшитди. Фақт баъзан «аттанг», «чакки бўлибди», деб қўйди. Даврон саргузаштини тугатгач, «Бир гап бўлар куюнаверманг», деди-ю, тайинли маслаҳат бермади. Шу боис Даврон ўйлаб келган режасини айтишга истиҳола қилди.

Уйга боришдан олдин колхоз идорасига кириб ўтдилар. «Бир дақиқалик иш билан» идорага кирган раис оқшом чоғида қайтиб чиқди.
— Давронбек, сизга бир маслаҳат бор, — деди у машинага ўтиргач. Сўнг ҳамсуҳбатидан садо чиқишини кутмай сўзини давом эттирди. — Агар бирор ишни мўл қўймаган бўлсангиз, колхозимизга аъзо қилиб оламиз.
— Ие, — деб кулди Даврон, — колхозда нима иш қиламан?
— Тракторчилар етарли, сувчиликни сизга ишонмайман... Бўзчи билганини тўқигани маъқул. Сиз қазишмаларингизни давом эттирасиз.

Аслида Давроннинг ҳам мақсади шу эди. Колхоздами ёки мактабдами ишлаб, бўш вақтида қазишмани ёлғиз ўзи бўлса ҳам давом эттиришни режа қилганди. Бироқ раиснинг ўзидан бу таклиф чиқишини сира кутмаган эди. Раис шунчаки меҳрибонлик қиляптими ё бу ишдан колхозга манфаат кўряптими? Ҳар ҳолда бир сир бор. Даврон ана шу сирдан воқиф бўлиш учун ўсмоқчилаб сўради:
— Колхоз шунинг учун менга ҳақ тўлайдими?
— Йўқ, бунинг учун эмас. Истасангиз муаллимлик қилинг, балки маданият уйимизни берармиз. Кўп бўлмаса ҳам икки-уч ҳашарчи билан таъминлашни бўйнимга оламан, келишдикми?
— Келишмаган одам — номард. Аммо бир нарсага тушунмайроқ қолдим.
— Бир эмас, кўп нарсага тушунмайсиз. Ўйдим-чуқур қилиб юборган ерингиз неча гектар, биласизми? Ишингиз қанча тез тугаса, колхозга шунча фойда.

  

— Агар ўша ердан шаҳар чиқиб қолса-чи?
— Нима бўпти?
— Уни қайтиб кўмиб юбора олмаймиз-ку? Нодир тарихий музей устига тупроқ тортиб пахта экишга қўлингиз бормас?
— Агар шаҳар топилса, яна ҳам яхши. Музей бўлса нур устига аъло нур. Музейнинг колхозга нафи тегмайди, дейсизми? Наф деганда фақат пулни эмас, маънавий бойликни ҳам ҳисобга олинг-да!

Давроннинг кўнглига чироқ ёқилгандай бўлди. Раиснинг қўлини маҳкам қисди.

Ҳовлига киришганда Хосият хола офтобнинг кучсиз нурига орқа қилиб ўтирган эди. Меҳмонни кўргач, тиззасига тиралганича ўрнидан туриб сўрашди-да, сўрига бошлади. Меҳмон жойлашиб ўтиргач, Йигитали ака «Пича ўтира туринг», деб отхона томонга юрди. Ҳадеб очилиб-ёпилавериб пастки томони ер чизадиган бўлиб қолган омонат эшик хунук ғижирлади. Ичкаридан отнинг пишқириши, кейин унга урилган шапатининг, сўнг Йигитали аканинг «Ҳа, жонивор, тек, тек», деган овози келди. Хосият хола: «Айбга буюрмайсиз ўғлим», деди-да, тиззасини ушлаганча аста ўрнидан туриб олгач, очиқ бостирма томонга қараб юрди. Тандир ёнига уйиб қўйилган ғўзапоядан бир тутам олиб қирс-қирс синдиргач ўчоққа ташлади. Ҳали эски чўғлар ўчиб улгурмаган ўчоқда ғўзапоя бир оз тутаб турди-ю, кейин аланга олди. Отхонанинг эшиги яна ғижирлади. Овқатнинг тузини тотаётган Хосият хола эрига қаради:
— Мунча ҳаялламасангиз, шўрва бўтқага айланиб кетди-ку. Ўғлингиз бола-чақамни олиб келай, деб қудангизникига кетганича дараги йўқ. Ота-болани кутиб куним ўтаверар экан-да, а?
— Идорада Шоназар, Мамаюсуф, Абулатифлар йиғилиб ўтиришган экан. Пичи ҳангома қилдик.
— Ҳангомангиз ҳам қурсин. Учта эркак йиғилса хотинлардан баттар эзма бўлиб кетади расми...
— Эзмаликда улоқ хотинларда кетган. Тўрттагина гапимиз ҳам эзма бўлдими? Биз гапирсак ишдан гапирамиз. Эртага теримни бошламай туриб пахта байрами қилмоқчимиз.
— Энди бунақасига ўтибсизлар-да, пахта байрами теримдан сўнг бўларди-ку?
— Теримни яхши ният билан, яхши кайфият билан бошлаш керак. Шунда хирмон катта бўлади. Колхознинг бели бақувват, теримдан кейин ҳам байрамга кучи етади.
— Кўнгилга сиғса ҳар куни байрам қилинг, менга нима?
— Овқатдан кейин эски чопон билан шимни олиб қўйишни унутма.
— Нима?
— Телпакни ҳам.

Йигитали ака Давроннинг ёнига қайтди. Хосият холанинг қошиқ ушлаган қўли муаллақ туриб қолди. «Раис бўлиб ҳам эсини йиғиштирмабди. Икки йил бурун-ку, оёғи синиб қанча азоб чекди. Ўзигина азоб чекса майлига-я, мени қанча қийнади. Бари бир адабини емабди. Оёғида ҳали ҳам оғриқ бор-у, сездирмайди. Энди улоқ чопмаса кимнинг кўнгли қоларкан? Ёшлигида бошқа гап. Қамчи ўйнатиб от чоптиришни ўзим ҳам яхши кўрардим. Довюраклиги ёқиб қолмаганда, бу улоқ жиннисига у дунё-бу дунё турмушга чиқмасдим. Йўқ унга бир бало бўлган. Ё гап талашган, ё керилиб қўйган... Раиснинг улоқ чопиши қуюшқонга сиғадиган гапми?..»

Хосият хола овқатни сузиб келди. Йигитали ака улоқ ҳақида бўлак гап айтмади. Қош қорайгач, Хосият хола рўпарадаги дераза пардасини кўтариб телевизор қўйди. Сочини беўхшов турмаклаган қизни кўрди-ю, қарғаниб, мурватни бураб, бўлак тасвирга олди. Буниси ҳам ёқмагач, «шиқ» этиб ўчириб қўйди.
— Ҳа, нимага ўчирдинг? — деди Йигитали ака телевизорнинг пардасини тушираётган хотинига.
— Ўла қолсин, кўрадиғон нарса йўқ. Гапиришгани-гапиришган.
— Сенга ҳадеганда ўйину ашула бўлса...
— Гап керак бўлса, қўйиб кўраверинг.

Хосият хола шундай деб сўрига келди-да, омонат ўтирди. Кўринишидан чоли билан уришиб онасиникига кетадигандай эди.

«Қариган сари феъли нозик бўлиб кетяпти, — ўйлади Йигитали ака. — Меҳмон бор ҳам демайди. Ёшлигида шўх эди, кўнглида кир тўпланмасди. Ўзи хотин киши қаримасин экан. Олдинлари улоқнинг дарагини эшитса, нарсаларни ўзи тайёрлаб қўярди. Отчопарга бориб томоша қилишни қўймасди. Томоша қайда! У бошқа хотинлар олдида мақтангани борарди. Эри улоқда тенги йўқ чавандоз бўлади-ю, мақтанмайдими? Ўша дамлар ўтиб кетди-да! Бу хотин нимага айниб қол- ди-а? Раис бўла туриб улоқ чопишимдан ор қиляптими? Бунинг нимаси уят? Нима, раис одам эмасми? Ҳамиша четда, ўзини бошқалардан юқори олиб юравериш керакми? Ёки мен қаридимми? Менга ачиняптими? Йўғ-э, қариш ёшга қарайдими, кучгами? Илгарилари бошқача эди... Унинг ўтиришини қара, юлишга чоғланган мушукка ўхшайди-я! Улоққа чиқишимдан норози. Эртага улоққа сўнгги марта чиқаман. Буни ҳеч ким билмайди. Билмагани ҳам дуруст. Йўқса, илтифот қилиши мумкин. Йўқ. менга илтифот керакмас. Совринни ўз кучим билан оламан. Ҳа, ҳали улоқда мендан устун келадигани йўқ. Яна беш-ўн йил от чоптиришим мумкин. Лекин иззат борида этакни ёпган ҳам маъқул. Эртага совринни оламан-у: «Биродарлар, эндиги улоқ ёшларники, бизга узр», дейман. Эртага Ҳомидбек ёнимда турса, кўнглимни тўқ тутардим. Ёрдамга муҳтож бўлмасман-ку, ҳар ҳолда ёнимда от чоптирса мадор бўлади. Аммо бу бола анча пишиқ чиқди, отасига ўхшамайди. Отаси бировнинг ҳаққини еб ўрганган. Фақат юлишни билади. Бу бола бошқача. Отчопарнинг олди йигити шу бўлади. Совринни олиб, ҳамманинг олдида шу болага топшираман. «Ҳомидбек от ўйнатса, Йигитали улоққа келибди, деяверинглар», дейман. Менинг шогирдимни ҳамма билиб қўйсин.

Ие, бу бола тушмагурнинг улоқдан хабари бормикин? Айтишганмикин? Келиб кетай ҳам демайди... Ё эрталаб келармикин? Ҳар ҳолда «Менга яқинроқ бўл» деб қўйишим керак... Кампир жуда шумшайиб олди-ю...»

Йигитали ака шуларни хаёлдан ўтказиб кампирини гапга солмоқчи бўлди:
— Давронбек ишларини чала ташлаб кетмоқчи эканлар, базўр олиб қоляпмиз. колхознинг ҳисобидан бўлса ҳам ишни давом эттиринг, деб илтимос қилдик, — деди у салмоқлаб.
— Ажаб бўлибди, — деди Хосият хола бу гапдан қувонгандай чеҳраси очилиб. — Акангизнинг сўзларини ерда қолдирмай яхши қилибсиз. Бирон йил бирга юрсангиз сизни ҳам отга мингазиб улоқчиларнинг тўдасига қўшиб қўядилар.
— Бўлмасам-чи! — деди Йигитали ака керилгансимон оҳангда, — Эндиги улоқ ёшларники-да!
— Нечук? — деди Хосият хола пичинг билан унинг сўзини бўлиб.
— Э, ўртоқ хотинхўжа, чиқмаган жондан умид. Биз ҳам куч синашиб қолайлик. Бўлмаса, кўрган одам қариликни бўйнига олибди, деб хаёл қилиши мумкин.
— Қаранг, Ҳомидбегингизми?

Ҳомидбек отини кўчада қолдириб этигининг чангини қоққан бўлди-да, ичкари кирди. Саломлашиб, сўрининг пойгакроқ еридан жой олди.
— Эртага улоқ бўлишини эшитдингми? — деб сўради Йигитали ака.
— Ҳа, — деди Ҳомидбек.

Нима учундир суҳбат қовушмади. Бундан кўпроқ Даврон ўнғайсизланди. Бахтига Ҳомидбек узоқ ўтирмади. Бир пиёла чой ичгач, кетишга рухсат сўради. Йигитали ака уни кузатиб қўйди. Лекин «Эртага сўнгги марта улоққа чиқаман, менга яқинроқ юр, керак бўлса, ёрдамлаш», дейишга тили бормади. Хайрлашар чоғи фақат «Эртароқ кел», деб қўя қолди.

Ҳомидбекнинг гапи ҳам ичида кетди. У Йигитали аканикига темир йўлнинг нарёғидаги фермадан келган эди. Унинг бу фермага серқатновлиги, кейинги ойларда йигитнинг ороми бузилгани Йигитали акага маълум. Ҳомидбек маслаҳат солганда «Ўзингга ёқса бўлди-да», деган.

Қиз-ку Ҳомидбекка ёқади-я, лекин Ҳомидбек қизга ёқмаса-чи? Унда нима бўлади? Ҳомидбек кўпроқ шундан хавфда эди. Мана бугун ҳам шартта-шартта гаплашгани борди. Лекин ҳар галгидай гапиролмади. Ёнида жимгина юраверди. Охири:
— Эртага кундузи бўшмисиз? — деб сўради.
— Нимайди? — деди қиз унга савол назари билан боқиб.
— Улоққа келасизми, демоқчи эдим.
— Келсам келавераман. Сиз ҳам чопасизми?
— Ҳа.
— Ҳеч ютганмисиз?
— ...Йўқ.

Қиз кулди. Ҳомидбек ўнғайсизланди...
— Эски пайтлар бўлганда уйланолмай ўтиб кетаркансиз.

Ҳомидбек «нимага?» демоқчи бўлди-ю, ўзини тутди. Қизнинг гапидан аччиқланди. Аммо қиз буни сезмай гапини давом қилди:
— Раис бува хотинларини улоқда ютган эканлар, шу ростми?
— Билмадим.
— Хосият хола ўша пайтда жуда чиройли бўлган эканлар. Ҳадеб совчилар босавергач, «Ким улоқда зўр келса, ўшанга чиқаман», дептилар. Йигитали ака ютиб чиқибдилар. Қизиқ, эртакка ўхшайди, а?
— Одамлар тўқиган гап бу.
— Бари бир Хосият хола тўғри иш қилган эканлар. Йигитали ака раис бўлмай туриб ҳам у кишини ҳамма ҳурмат қиларди.
— Эртага раис бува ҳам тушадилар.
— Ростданми? Ундай бўлса бораман.

Ҳомидбек ҳар гал қиз билан хайрлашганда юрагида бир чўғ қолгандай бўларди. Бу гал чўғ ўрнини совуқ бир нарса эгаллади. Қизнинг бу гаплари унинг иззат-нафсига тегиб ўч олишга — ўзини кўрсатишга ундади. У фақат улоқдагина ўзини кўрсатиши мумкин эди. «Эртага қандай бўлмасин улоқни ютишим керак. Кейин ўзи ялиниб келади. Хосият холанинг ёшлигини нимага эслади? Ё менга шартини шама қилдими? Қизлар айёр бўлади. Лекин бари бир мен ўзимни кўрсатиб қўяман. Йигитали акага айтаман. «Менга яқинроқ бўлинг, ёрдам беринг, албатта ютишим керак», дейман. Устам-ку, ёрдам беради...»

Ҳомидбек раиснинг уйига кириб меҳмон борлигини кўргач, бу гапларни айтолмаслигини сезди. Хайрлашув чоғида раиснинг «Эртароқ кел», деганига «Хўп, уйингизга кириб ўтаман», деб отга минди-да, йўрттириб кетди.

Чавандозлар темир йўлга тақалган катта майдонга тўпландилар. Уларнинг аксари тўпга яқинлашган Йигитали ака билан қуюқ сўрашди. Тўдада «Раис бува ҳам тушармишми?» деган шивир-шивир бошланди.

Солимчи ичига туз тўлдирилган эчки тулупини ўртага ташлади. Майдонни чавандозларнинг қийқириғи босди. Улоқ ердан узилди. Бир неча улоқчи тўпдан ажралиб отни сурди. Шундагина Йигитали ака отига қарсиллатиб бир-икки қамчи босди. От дупурлари орасида унинг «Ол, ҳа, ол!» деган қичқириғи эшитилди. Улоқни тақимига босган отлиққа яқинлашганда қамчинни оғзига олиб энгашди. Тизгинни бир қўли билан ушлаб, бир қўлини улоқ сари чўзди. Бу орада отлиқлар кўндаланг бўлиб уларнинг олдини тўсди. Орқадаги дупурлар ҳам яқинлашди. Вақт бой берилиши мумкинлигини сезган Йигитали ака тизгинни қўйиб юбориб, иккала қўли билан улоққа ёпишди-да, силтаб тортди. Ололмади. Яна тортди. Шу пайтда кимдир унинг отини қамчилади. От ўзини ёнга олди. Раис улоқни қўйиб юбормай яна силтади. Отлиқлар қийқиришиб уларни ўрай бошладилар. Йигитали ака бу гал жуда кескин силтаб улоқни тортиб олди-да, отни ниқтади. От тезлашди. Раис улоқни тақимига босиб, қўлига қамчи олди. «Ол, ҳа, ол» деб қичқирди. У қамчи билан гоҳ отнинг у сағрисига, гоҳ бу сағрисига қарсиллатиб урар, бу билан у яқинлашмоқчи бўлган чавандозларни ўзидан безитиб турарди. Шунда ҳам бир-икки довюраклар улоққа чанг солишди...

Йўлнинг ярми ўтилганда тўдада фақат ўттиз чоғли чавандоз қолди. Кўпчилик уларнинг йўлини тўсиш мақсадида тўхтаб, ўзларига қулай жойларни танлаб турдилар. Раис отга қамчи ураётган пайтларида ён-атрофига қараб, нимагадир Ҳомидбекни кўрмади. «Йўл пойлаяпти, шекилли», деб аччиқланиб қўйди. У ёшлигидан йўл пойловчиларни ёқтирмайди. «Ҳалол улоқчи паккадан маррагача курашиши керак. Тайёрини тортиб олиш номарднинг иши» деб Ҳомидбекка неча айтган эди.

Чавандозлар маррага яқинлашганларида тўда яна қуюқлашди. «Июв, июв!», «Ол!», «Бос!» деган қичқириқлар, отларнинг пишқиришлари кучайди. Айниқса марра атрофида оёқ қўйгани жой топилмади. Чавандозлар тўдаси кўланка сингари чайқалар, отлар оғзидан оппоқ кўпик сочар, қамчилар шарақлар, қийқириқ бир зум тинмасди.

Раиснинг йўли буткул тўсилган, от фақат бурнини кериб пишқирар, сакрашга чоғланарди. Бир неча қўл бараварига улоққа ёпишар, лекин Йигитали ака тақимини бўшатмасди. Улоқнинг бир қўл, бир оёғи аллақачон юлиб олинган, ушлаб тортиш анчайин қийинлашган эди. Раис бу аҳволда ўтиб бўлмаслигини билиб отни қайтарди. Тўда соя сингари унга эргашиб анча сийраклашди. Йигитали ака тўдадан ажралиб отни темир йўл томонга бурди. Кейин яна орқага қайтди. Уни яна ўраб ола бошладилар. Маррага яқинлашганда кимдир яна унинг отини қамчилади. Юзига кўзи аралаш бир нарса «шилт» урилиб, у жон аччиғида ингради. Бирдан бўшашиб, оёғидан куч кетди. Кимдир бир силтаб улоқни тортиб олди. Шундан кейингина раис улоқни тақимига босиб от қамчилаётган Ҳомидбекни кўрди. «Яхши, энди ундан ўзим оламан», деб от сурмоқчи бўлди. Аммо уни яқинлаштирмадилар. Маррага жуда оз масофа қолган, у шошилар, лекин ҳаракати фойдасиз эди. Чавандозлар бир қийқиришди-ю, жим қолишди. Улоқ солимчининг оёғи остига ташланган эди. Раис ғолибнинг кимлигини дастлаб билмади. Отлиқлар аста тарқалишди. Солимчи Ҳомидбекка тўн кийгазаётганда раис ғалати бўлиб кетди. Отни буриб енгил қамчи урди. Оёғининг зирқираб оғришига, қамчин заҳридан юзининг ловиллашига ҳам эътибор бермай отни ўз ҳолига қўйди. Қаерларда юрганини, нималарни ўйлаганини ўзи ҳам тузук-қуруқ билмади. Бир пайт қараса, от бўйнини хам қилганча ҳовлисига кириб боряпти.

Эшик олдида Хосият хола. Қўлида тугун.
— У нима? — деди Йигитали ака отдан тушмай.
— Ҳомидбегингиз ташлаб кетди, мукофотингиз эмиш.

Раис энгашиб тугунни хотинининг қўлидан олди-да, отни орқага бурди. Хосият хола «Яна ҳаялламанг», деганича қолди.

Раис Ҳомидбекнинг эшигига келиб ҳам отдан тушмади. Қамчининг дастаси билан эшикни тақиллатди. Йигитнинг отаси чиқиб одатича тилла тишларини кўрсатиб кулди-да, ёқимсиз бир мулозамат билан ичкарига таклиф қилди. Раис қуллуқ қилиб тугунни узатди.
— Нима бу?
— Ўғлингизнинг мукофоти. Улоқда ютди.
— Ўзи қани?
— Келиб қолар. Буни дадамга бериб қўйинг, деди.
— Оббо азамат-э, ютибди-да, а? Сизнинг сабоғингизни олган-да. Шу бола анча пишиқ чиқди, а? Нима дейсиз?

Раис бош ирғаб тасдиқ ишорасини қилди-да, тизгинни тортди. Уйга қайтса Хосият хола Даврон билан остонада турган экан. Ҳолсиз бир аҳволда отдан тушиб жиловни хотинига тутқазди.
— Кетиб қолганингизни сезмабман, — деди Даврон айбона оҳангда. — Сайилга қайтарсиз, девдим.
— Ҳа... бир оз ҳорибман шекилли. Қарилик-да. Тузук ўтдими ишқилиб?
— Ҳа, деҳқонларнинг боши осмонда. Фақат кўринмай қолганингизга ажабланишди. Сўраганларга партком: «Тоблари қочибди», деди.
— Тўғри айтибди.

Йигитали аканинг суҳбатга раъйи йўқ эди. Аввал партком, кейин яна бир-икки йўқловчи келиб кетди. Раиснинг руҳияти, дарҳақиқат, беморникидай эди. Шунинг учун улар узоқ ушланишмади. Даврон ҳам уни кўп гапга тутмади. Ётар маҳаллалари Йигитали аканинг кўзи ичкарида сандиқ очаётган хотинига тушди.
— Солмай тур. Ҳосил байрамида асқотади. Эндигиси — сўнггиси. Айтганингдай, қарибман...

Хотин эрига ачиниш билан қараб қолди. Даврон «Ютолмаганлари учун кайфиятлари йўқ экан-да» деган қарорга келди. Аммо воқеанинг моҳиятига тушуниб етмади. Тушуна олмасди ҳам. Улоқни четдан кузатган одам шу довюраклар беллашувида ҳам ноҳақлик, найранг бўлишини сира ўйламайди.

Саҳарда Даврон Йигитали аканинг йўталидан уйғониб кетди.
— Ие, уйқунинг заволи бўлдим-ку, — деди у хижолат тортиб. — Ҳушингиз келса, мен билан юринг. Дала айланамиз. Йўл-йўлакай сизбоп иш ҳам топилиб қолар.

Пешиндан сўнг Даврон барча қатори теримга сафарбар этилди. Раис «План тўлган куниёқ бешта ҳашарчи билан иш бошлайсиз», деб унинг кўнглини тўқ қилди. Иш узоқ куттирмади. Ҳаво яхши келиб мажбурият тез кунда бажарилди. Давроннинг таклифи билан катталар эмас, мактабнинг юқори синф ўқувчилари ҳашарга навбатма-навбат борадиган бўлишди.

Аксига олиб бу йилги баҳор соғинтириб келди. Ҳамал яримлаб қолса ҳамки, ҳавонинг авзойи очилмади. Кузакдаги ишлар эса кўнгилдагидай бўлмади. Давроннинг ёрдамчилари — юқори синф ўқувчилари ишлаш ўрнига уни тинимсиз сўроққа тутишарди. Уларни ҳар бир нарса — шу ердан топилган сопол парчасидан тортиб, Африкадаги экспедитсияларнинг тақдиригача қизиқтирарди. Ташқаридан қараган киши бу ўқувчиларнинг барчаси археологияга қаттиқ меҳр боғлаган, мактабни тугатгач албатта шу соҳага боғланадилар, дейиши мумкин эди. Даврон уларга жавоб қайтаришдан эринмасди, ишнинг мўлжалдагидай бўлмаётганидан ҳам куюнмасди. У болалар билан бажонидил суҳбат қурар, уларда «археологияга нисбатан меҳр уйғотяпман», деб ўйлар эди.

Даврон қиш бўйи мактабда муаллимлик қилди. Тарих ўрнига баъзан археологиядан сабоқ бериб, программадан четга чиққани учун маъмурият танбеҳини ҳам эшитди. Ўқувчиларини сафарбар этиб, мактабда мўъжазгина тарих-археология музейи ташкил этгач, бу танбеҳлар ювилиб кетди.

Ўзи истамаган кўнгилсиз сафарда юрган киши кун ўтишини сабрсизлик билан кутгани каби Даврон баҳорни бениҳоя қўмсарди. Ҳавонинг юришиб кетишидан, далани босиб ётган тизза бўйи қорнинг эришидан эса дарак йўқ. Авваллари бундай кезларда у шаҳарда бўларди. Ёз бўйи қилинган ишларнинг якуни фандаги янгиликлар билан танишиш, турли мажлислар, дўстлар давраси ва шу кабилар билан овора бўлиб қишнинг ўтганини сезмас эди. Бу ерда эса... Куннинг биринчи ярми мактабда ўтади. Кейин баъзида идорага киради. Йигитали акани учратса, бир оз гурунглашади. Йўқса чойхонага киради. Ҳар куни бир хил маромдаги гаплар. Табиатнинг мудроқ уйқуси одамлар руҳиятига ҳам таъсир қилгандек. Барча зерикишдан гап очади. Телевизорга михланиб ўтириш ҳаммага ҳам ёқавермайди.

Маҳбубани кўп ўйлади. Шундай кезларда шаҳарга кетгиси, эркактабиат бу аёлни кўргиси келарди. Маҳбуба унинг таклифини очиқ бўлмаса-да, рад этди. Шундай экан, яна унинг ортидан соя каби судралиб юришга унинг ҳамияти йўл қўймайди. Ўзи шилқимликдан йироқ бўлгани учун, аёлларнинг этагига ёпишиб олувчи эркакларни жинидан ортиқ ёмон кўради.

Даврон дарсини тугатгач, идорага кирайми кирмайми деб оёғи тортмай келди. Ҳовлида раиснинг машинасини кўриб «Хайрият», деб қўйди.

Йигитали ака диванга ястанганича газета ўқирди. Давронни кўриб газетани йиғиштирди-да, ёнидан жой кўрсатди. Суҳбатлари одатдагидек об-ҳаводан бошланиб, кейин «ҳар соҳадан бир шингил»га айланди.

Суҳбат энди бир маромга тўғри бўлай деганда котиба кириб Йигитали аканинг гапи оғзида қолди.
— Меҳмонни бир киши сўраяптилар, — деди айбдор оҳангда.
— Киравермайдиларми? — деди Йигитали ака. Кейин ҳайрон бўлган Давронга қаради. — Хижолат чекманг, қиладиган ишим ҳам йўқ эди.

Остонада Маҳбуба кўрингач, Даврон нима учундир Йигитали акадан уялди. Йигитали ака Маҳбубани танимас эди. У ҳақда эшитган ҳам эмасди. Шунинг учун аввалига нима қилишни билмай қолди. Яхши ҳамки Маҳбуба ийманиб ўтирмай ичкари кириб салом берди. Йўқса икки эркак ҳам талмовсираб тураверарди.
— Дарвоқе, партком мени кутиб қолгандир, — Йигитали ака Маҳбуба билан сўрашгач шундай деб чиқиб кетди.
— Ўтирсам майлими? — деди Маҳбуба гапга қовушмай турган Давронга кулиб қараб. Сўнг манзиратни кутмай ўтириб сумкасини ёнига қўйди-да, палтосининг тугмасини ечди.
— Мендан хафа бўлманг, кутилмаганда оёқ остидан чиқиб қоламан.
— Ундай деманг. Тўғрисини айтсам... кутаётган эдим.
— Тушунгизга кирдимми?
— Йўқ... Нима учундир кўргим келаётганди.
— Нима учундир?
— Ҳа... Баъзан шундай бўлади.
— Шу ерда ўтираверамизми?
— Истасангиз... Йўқ... Лутфингизни дариғ тутмай биз ғарибнинг кулбасини пойи қадамингиз билан ёруғ этсангиз бошимиз осмонга етарди...
— Дуруст. Бу ерларда бекор юрмай, чиройли сўзлашни ўрганибсиз. Бундай чучмал таклиф ёқмаса ҳам «лутфимни дариғ тутмайман».
— Сизга тушуниш қийин. Ўзи сизга нима ёқади-а?
— Кўп нарса эмас. Кетдикми? Раисни ишдан қўймайлик.

Даврон раисни қўшни хонадан топиб, кетишаётганини, Маҳбубанинг ким эканини қисқа қилиб айтди-да, ташқарига чиқди. Икковлари қорли сўқмоқдан юриб кетдилар. Даврон ёлғиз ўғли шаҳарга кўчиб кетган бир кампирникида яшаётган эди. Кампир уйида камдан-кам бўлар, кўп вақти шаҳарда, ўғлиникида ўтарди. Қиш чилласи бошлангандан бери қишлоққа қадам қўйгани йўқ. Маҳбуба бундан, албатта бехабар эди. Кўча эшигининг қулфлоғлик эканидан ажабланди. Аммо буни Давронга сездирмади.

Уй ичи иссиқ, саранжом-саришта эди. Даврон ёшлигидан кўп ишни ўзи бажаришга кўниккан эди. Онаси даладан ҳориб қайтган кезлари уй юмушларини ўзи қиларди.

Даврон кира солиб ошга уннади. Маҳбуба енгини шимариб унга кўмаклашди.
— ДъАртанян қалай, яхши юрибдими? — деб сўради Даврон пиёз тўғрай туриб.
— Ҳа, анча эси кириб қолди. ДъАртанянни унутиб ҳам қўйди.
— Унутгани ёмонми?
— Маҳбуба елка қисиб бир оз жим қолди.
— Ким билади, балки яхшидир. Ҳақиқий ҳаёт билан орзунинг мутаносиб эмаслигини вақтида англагани дуруст. Бўлмаса умрининг охиригача адашиб юради.
— Унда нимага ачиняпсиз? Ўзингиз шундай бўлишини истардингиз-ку?
— Ҳа... лекин... боланинг сурур билан эрта хайрлашиши ҳам тўғри эмас, шекилли.
— Энди «дъАртанян келмайди» деганингизга афсусланяпсизми?

Маҳбуба Давронга ялт этиб қаради. У коса тагида ним коса борлигини фаҳмлади. Шунинг учун ўзини эшитмаганга солди. Даврон саволни бошқа қайтармади. Шундан сўнг ош пишиб, еб бўлгунларича ҳам гаплари унча қовушмади. Бирига бирининг сўзи илмоқлидай бўлиб туюлаверди.
— Шаҳарга қачон қайтасиз? — деб сўради Маҳбуба чой ичиб ўтиришган пайтда.
— Қайтиб нима қиламан? — деди Даврон пиёлани қўйиб. У шундай саволни олдиндан кутган, тайин жавоб ҳам тайёрлаб қўйган эди.
— Ҳар ҳолда... эгилган бошни қилич кесмайди.
— «Агар бош ҳақиқат олдида эгилса», десангиз тўғрироқ бўларди.
— Балки сиз уни тўғри тушунмагандирсиз?
— Нима, мен ёш боламанми?
— Унинг асл мақсади ўзингизга ҳам қоронғи-ку?
— Тўғри, қоронғи. Аммо энг муҳим бир нарсани аниқ биламан.
— Нимани?
— Унинг аблаҳ эканини.
— Исбот?
— Менинг бу ерда юрганим камми?
— Албатта.
— Сизга тушуна олмаяпман. Сиз ўша аблаҳнинг адвокати эмасмисиз?
— Биз дўстона суҳбатлашяпмиз, шекилли? Нимага асабийлашяпсиз?
— Кечиринг, Маҳбубахон, ўша эсимга тушса ўзимни тута олмай қоляпман.
— Бўлмаса бу ҳақда гаплашмаймиз.

Суҳбат бошқа мавзуга кўчгани билан гап айланиб Давроннинг ишга қайтиши масаласига тақалаверди. Раис оқшомда кириб ўтаман, деган эди. Аксига олиб дараги йўқ. Тезроқ келса, Даврон ўзига хос бу «суд жараёнидан» қутулар эди. Йигитали ака қоронғи тушганда ҳам келмади. Маҳбуба оғзини тўсиб, эсноғини бир-икки қайтарди.
— Чарчабсиз, дам олинг, — деди Даврон ўрнидан қўзғалиб.
— Сиз-чи?
— Мен... қишлоққа мусофир бўлсам ҳам яқинларим кўп.
— Шу ер-чи? Уйлари кўп экан-ку? Яна хоҳишингиз...
— Қишлоқда гап-сўз бўлармикин...

Маҳбуба индамади. Даврон бир оз ўйланиб тургач, «Яхши ётиб туринг», деб чиқиб кетди.

Биринчи соатда дарси бор эди. Шунинг учун эрталаб барвақт келди. Маҳбуба йўлга отланиб турган эди. Чой ичишга ҳам унамай йўлга чиқди.
— Шаҳарга қайтмаслигингиз аниқми? — деди у хайрлашаётиб.
— Ҳа.
— Агар қишлоққа келсам, менбоп иш топилармикин?

Даврон гарангсиб қолди.
— Чинданми?
— Хат-пат ёзиб юборарсиз, хайр.

Даврон шундагина Маҳбубанинг ҳазиллашмаётганини фаҳмлади. Фаҳмлади-ю, бировникига бориб ётганидан афсусланди.

Кунлар исиб, ернинг нами бир қадар тортилиб чигит экишга тахт этилгач, колхозда тўй бошланди. Йигитали ака энди тўйни очаман, деб турганида котиба қиз телефон қилиб райкомга тезда етиб бориши зарурлигини айтди. Раис асабий бир ҳолда жўнаб кетиб, пешинда қайтди. Бир-икки киши «тинчликми?» деб сўраганда раис қўл силтаб қўя қолди. Шундан сўнг унга ҳеч ким гап қотмади. Даврон ҳам раисга қараб-қараб қўйди-ю, бирон нима дейишга ботинмади. Тўй тарқагач, раис Давронни ёнига чақирди.
— Эшикка юринг, гап бор, — деб уйга бошлади.

Раис лўлаболишга суяниб гапни нимадан бошлашни билмай турганда, Давроннинг ўзи жонига ора кирди.
— Тинчликми, Йигитали ака?
— Тинчлик эмас-да... Раҳбарингиз райкомга хат юборибди.
— Мени булғаб ёзишибдими?
— Йўқ... Сал бўлмаса мени жиноятчига чиқариб қўйишибди. Бу гап кузакда бошланган эди. Милитсияга чақириб огоҳлантиришган эди. Мен кайфиятингизни бузмай деб, индамасдан қўя қолгандим. Энди иш жиддийлашибди. Нима қилишга ҳайронман. Икки ўт орасида иложсизман. Сизга қанчалик қайишишимни биласиз.

Даврон пиёланинг четидаги зар ҳошияга тикилганича бошини хам қилиб индамай ўтираверди.
— Нимага жимиб қолдингиз, бирон нима десангиз-чи?
— Масала ҳал этилибди, Йигитали ака. Мен ишнинг шунга бориб тақалашини билар эдим. Аммо бунчалик тез бўлар, деб ўйламовдим... Отамдан кўрмаган яхшиликни сиздан кўрдим.
— Бе, бу гапларни қўйинг.
— Юракда борини айтяпман. Яхшилик қилиб дарёга сол, деган эканлар. Агар яхшилигингизни қайтарсам...
— Менга қаранг, шу топда хайрлашмоқчимисиз? Келинг, бошқа нарсалар ҳақида гаплашайлик.

Ҳар икки суҳбатдошнинг дили хуфтон бўлиб турганда гапига гап қовушар эканми? Бундай пайтда вақт секин ўтаётгандай, қоронғилик чор-атрофни тонгга қадар эмас, абадий қамраб олгандай туюлади. Уларда чарчаганликни баҳона қилиб ётишдан бўлак чора қолмади.

Давроннинг кетишига йўл қўйишмади. Ўқув йили тугагунча қолишга мажбур бўлди. Даврон бу зайлда ишни давом эттира олмаслигини англагач, институтга қайтишга, керак бўлса академия раҳбарларига учрашишга, курашдан бўйин товламай, фикрини, фаразларининг тўғрилигини исботлашга аҳд қилди. Маҳбуба кетар маҳали қишлоққа келиш истагини маълум қилган эди. Яна қарори қатъийлашмасин, деб «шаҳарга қайтмоқчиман», деган мазмунда хат юборди. Орадан тўрт кун ўтмай «Хайрият дъАртанян бор экан», деган телеграмма олди. Маҳбуба бу телеграммаси билан унга қўш қанот бахш этди. У энди кунларнинг тезроқ ўтишига орзуманд эди. Кунлар эса аксига олгандай имиллаб ўтарди. Имтиҳонларга тайёргарлик қизиган чоғда Ниёз бошчилигидаги экспедитсиянинг иш бошлаганини эшитиб ҳайратдан донг қотди. «Ниёз бошчилигида! Экспедитсия келишига амин эдим, аммо бу олифтанинг раҳбар бўлиши тушимга ҳам кирмабди, — деб ўйлади у. — Ниёз нима учун бу ишга қўл урди? Тўғрироғи, нима учун тоға жиянини бу ишга жалб этди? Кечагина умидсиз, келажаксиз иш, деб икки оёқни бир этикка тиқаётган эди-ку? Демак, дотсент Бекмирзаевнинг тахминларига ўзи ҳам ишонар экан-да?!»

Даврон калаванинг учини топгандай бўлиб бениҳоя бўғилди. Шу заҳоти бориб Ниёзнинг ёқасидан олмоқчи, институтга хат ҳам ёзиб юбормоқчи бўлди. Кейин ҳар бир ҳаракатининг шуҳратпарастликка йўйилажагини англаб, «Шуларнинг олдида паст келаманми», деб ўзини босди. Қазилаётган ерларга яқин бормасликка аҳд қилди. Аммо қарорида тура олмади. Ҳафта ўтмай, беихтиёр «Ниёз раҳбарлигида» ишлаётган археологлар томонга қараб кетди.

Пастда ивирсиб юрган беш-олти одам орасида Ниёз кўринмади. Ярим яланғоч бўлиб олган йигитларнинг иккитаси сигарет тутатиб гурунг қилар, қолганлари ҳафсаласизлик билан ер қиртишларди. Даврон уларнинг ҳаракатини кўриб ғижинди. Чодир томонга йўналди. Ниёз чодирнинг соя томонидаги йиғма каравотда ухлаб ётган эди. Даврон унга бир оз қараб турди-да, орқасига қайтмоқчи бўлди. Шу топда Ниёз кўзини очди. Аввал ҳайрон бўлгандай кўзларини пирпиратди. Кейин ирғиб ўрнидан турди-да, қучоқ очиб бориб Даврон билан кўришди.
— Қайси шамол учирди? Дом-дараксиз кетдинг-ку? Шунақа ҳам бўладими? Уйингга уч-тўрт бордим. Эшигинг тақа-тақ берк.
— Буни қара-я, анча уринибсан-да, а?
— Хафа бўлишингни билардим. Лекин менда айб йўқ. Ростдан ҳам сени ишга чақириб бу ерга юборишмоқчи эди. Лекин ноиложликдан... Бунақа ишларга тоқатим йўқлигини биласан-ку...
— Мени чиндан қидирдиларингми?
— Ие, сени алдаган ерим бормиди?
— Мана, мен топилдим.
— Айни муддао!
— Энди нима қиламиз?
— Тушунмадим?
— Жойингни бўшатиб бер.
— Ҳазиллашяпсанми?
— Йўқ.
— Марҳамат... Мен жон-жон дейман... Лекин...
— Унда экспедитсиянгга оддий ишчи қилиб ола қол.
— Қўйсанг-чи, сени жиззаки деб юрсам, ҳазилни ҳам билар экансан-а?
— Ҳазиллашаётганим йўқ.
— Чинданми... Бари бир иложим йўқ. Экспедитсия асосан амалиётчи талабалардан ташкил топган. Ёлланма ишчилар учун маблағ ажратилмаган.
— Мана бу ўғилбола гап бўлди! Йўқ гапларни ямаб-чатиб чайналмай, тўғриликча салом-алик қилавермайсанми? Ҳа... иш сўраб келди, деб ўйладингми? Йўқ, мен тиз чўкадиган тоифадан эмасман. Гўл ҳам эмасман. Найранг нима, самимият нималигини ажрата оламан, шуни унутма.
— Биз сира дўстлаша олмас эканмиз.
— Дўстлашиш учун покиза ният керак. Сенда ният тугул, покиза бирон нарса ҳам йўқ.
— Ҳаддингдан ошма, индамас экан, деб... Тилингни қисқа қилиб қўйишим мумкин.
— Шундан бошқа нарса қўлингдан келмайди.
— Қани, келган жойингга қараб туёғингни шиқиллатиб қол-чи.

Даврон Ниёзнинг лабларида титроқ пайдо бўлганини кўриб кулди-да, орқасига бурилиб кета бошлади.
— Тўхта, — деди Ниёз унга етиб олиб. — Нимага куляпсан?
— Ўзим, кулгим келди.
— Агар хафа бўлишни истамасанг, иккинчи бу ерга қадам босма.
— Мен бу ерларда сайр қилишга одатланганман. Тарки одат амри маҳол, дейдиган гаплар бор.

Ниёз тишларини бир ғижирлатди-ю, орқасига қайтди. Унинг ғазабланиши Давронга хуш ёқди. Чунки бу одам унча-бунча нарсага асабийлашмайди. Давронни ўзига ғаним деб билади. Чунки унинг бутун умиди, келажаги шу қазилмада. Ниёз мана шу иш билан шараф тожини киймоқчи. Даврон эса (Ниёзнинг назарида) шерикчиликка даъво қиляпти. Улар бегуноҳлик ниқобини танлаганлар, ҳатто экспедитсияга ёлланма ишчилар учун маблағ ажратилмабди. Лекин одам ҳамиша ниқобда юра олмайди-ку! Қачондир унинг асл башараси кўринади-ку!

Даврон бу ерга ҳар куни келадиган бўлди. Талабалар дотсент Бекмирзаевнинг ҳам, унинг номини ҳам эшитишган эди. Шунинг учун тезда тил топишишди. Ниёз Давронни кўрса тескари қараб ўзини кўрмаганга оларди. Даврон ҳам унга эътибор бермай талабалар билан ишлайверди.

Кунлар шу зайлда ўтаверди. Ниёзнинг юраги сиқилиб ҳар хил баҳоналар билан шаҳарга тез-тез туша бошлади. Мактабдаги сўнгги имтиҳон тугаган куни ҳам у шаҳарда эди. Талабалар Ниёз йўқ пайтда Даврон билан яйраб ишлашарди. Даврон «раҳбар»нинг йўқлигини уларнинг хушчақчақлигидан сезди. Улар бир оз гурунглашиб турдилар-да, ишга тутиндилар.

Қуёш машриқ белидан ошиб ўтиб, одам лоҳас бўла бошлади. Давроннинг ҳам қўли ишга бормай ётгиси келди. Лекин шу пайт қулоғи шанғиллаб, ҳуштак овози эшитилди-ю, сергак тортди. Кўпдан бери шарпа уни безовта қилмай қўйганди. Авваллари фақат тунда кўзга кўринган эди. Энди кундузи ҳам рўпара бўлмоқчи. Ҳуштак овози шундан далолат. Ҳуштакдан сўнг эшикнинг ғижирлашига ўхшаган овоз эшитиларди. Йўқ, бу сафар ҳуштак тинди-ю, атроф жимиб қолди. Яссибош одам ҳам кўринмади. Даврон ҳайрон қолиб бу сирли овозларнинг такрорланишини кутди. Овозлар қайтарилмади. Шундан сўнг у кичкина куракчани қўлга олиб ишни давом эттирди. Кавлаган тупроғи бир замбил бўлганда қулоғи яна шанғиллади. Ҳуштак чалинди. Кейин эшикнинг ғижирлашига ўхшаган овоз... Даврон ён-атрофига аланглади, жимжитлик. Қуёш чарақлаб турибди. Шарпа йўқ. Сирли овозлар ҳам тинган. У яна ишга тутинди. Куракчани учинчи карра ерга ботирганда қаттиқ нарсага тегди. Даврон тупроқни эҳтиётлик билан торта бошлади. Қаттиқ нарсани аввалига тош деб ўйлади. Унинг сиртини тозалагач, тилларанг темирни кўриб лол қолди. Дўнглик ортида ишлаётган йигитларни чақириш хаёлига келмай атрофини тупроқдан тозалай бошлади. Темир анча катта эди. Уни батамом очгунча Даврон терга пишди. У дунёдаги барча нарсани унутиб ишларди. Оддий темир эмас, балки тилларанг одам ҳайкали очилгани сайин Даврон тобора шошиларди. У қулоғи шанғиллаганига, ҳуштак чалинганига ҳам, тушлик овқатга таклиф қилгани келиб ҳайрат билан тикилиб турган йигитларга ҳам эътибор бермади. Ҳайкал сирти тупроқдан ҳоли бўлгач, у бир неча дақиқа ҳаракатсиз қолди. Ҳуштак овози эшитилиши билан қулоқларини қўллари билан маҳкам беркитди. «Демак, бежиз эмас экан, шарпа мени бекорга таъқиб этмабди!» У ҳайкалга тикилганича тўхтовсиз шундай деб пичирлар, йигитлар эса нима қилишини билмай қараб турардилар. Даврон шу аҳволда узоқ ўтирди. Кўз олдига уч бармоқли яссибош одамлар келди. Вужуди титради.

Йигитларнинг бири Давроннинг қалтирай бошлаганини сезиб унга яқинлашди-да, елкасидан аста ушлади. Даврон чўчиб орқасига қаради. Худди танимаётгандай, энди кўриб тургандай тикилди.
— Топилди.. — деди пичирлаб. Сўнг аста ўрнидан турди.
— Топилди!

У шундай деб йигитни маҳкам қучоқлади. Киприкларида қалқиган ёшни тутиб туролмади...

Тушлик қилиш хаёлларидан кўтарилди. Қуёшнинг ўтли нафасини ҳам, ташналикни ҳам унутиб ишладилар. Кечагача тилла рангли ҳайкалларнинг олтитасини кавлаб олдилар. Ҳайкалларнинг ҳаммаси бир ерда — иккитаси тик, қолган тўрттаси ётиқ ҳолда эди.

Қоронғи тушгач, ишни тўхтатишга мажбур бўлдилар. Даврон Ниёзнинг қайтишини кутди. Ундан дарак бўлавермагач, институтга хабар юбориш учун колхоз марказига йўл олди.

Хотима

Ёзёвондан топилган тилла ҳайкаллар сири ўрганилгунча йиллар ўтди. Бу орада Ердаги сезгир асбоблар номаълум сайёрадан узатилаётган тўлқинларни қабул қилди. Ердан туриб олиб борилган спектрал таҳлил Сомон йўлидаги кичик бир сайёра атмосферасида сув буғи борлигини аниқлади. Орадан яна йиллар ўтгач, ерликлар ўз вакилларини Сомон йўли сари узатдилар...

1978