OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

5 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифТоҳир Малик
Асар номиДевона (I- қисм)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Тоҳир Малик
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Китоблар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм478KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/12/14
Манбаhttp://forum.ziyouz.com/ind...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Девона (I- қисм)
Тоҳир Малик

«
— Буважон, мушук нимадан тарқалган?
— Мушукми? Мушук — арслондан, болам.
— Ит-чи?
— Ит — бўридан.
— Одам-чи?
— ...
»

Муқаддима Ўрнида

... У хуржунини елкасига олиб, узоқ юрди. Кўчки босган ерга етиб келгунича оёқлари қақшаб кетди. У ҳали кўчки нима эканини билмасди. Белга қадар қорга ботган кезлари изига қайтганидан пушаймон бўлар, чиқиб олганда эса: «Ота юртдан узилгандан кўра музлаб ўлганим афзал», деб қўярди.

Оқшомга бориб унинг силласи қуриди, очиқди. Шунда ҳам тўхтамади. Фақат шом қоронғусидагина тамадди қилиб олиш мақсадида хуржунини ерга қўйди. Ўтириб, нафасини ростлади. Кейин қўлини хуржунга тиқди. Силлиқ, совуқ, юмалоқ бир нарсага қўли тегди. Сесканди. Хуржуннинг оғзини очиб, икки қўллаб уни чиқарди. Чиқарди-ю, серрайиб қотиб қолди. Нафаси ҳам, юрак уриши ҳам тўхтади. У хуржундан... акасининг калласини олган эди!..

Тоғлар ҳам қотиб қолди. Осмон ҳам. Дунёнинг ҳаёт томирларидан жон чиқиб кетди. Бир зум, фақат бир зум шундай бўлди. У қўлидаги каллани ташлаб юборди. Акасининг кесилган боши қорга чўкди. Унинг қалбидан отилган фарёд сукунатни қалқитиб юборди. Тоғлар акс-садо берди. Йўқ, акс-садо эмас бу. Тоғлар ҳам фарёд чекди. Бу фарёдни қорлар ўзига шима олмади — осмон бағрига сингдирди.

Ҳозиргина оқлиги билан кўзни қамаштираётган қор бир нафасда қоп-қора бўлиб қолди. Кейин аста қизарди. Чўққилардан қип-қизил қон оқиб кела бошлади. Иссиқ қон уни ҳам бағрига тортиб, аввал товонини куйдирди, кейин баданига тарқалди. Сўнг мияси қизий бошлади. Томоғи қуриб, қонни симира кетди. Симирган сайин ичи куяверди. Кейин қон қорга сингиб, атроф аста оқарди. Шунда у қорга ботиб турган каллани авайлаб қўлига олди. Юмуқ кўзларни, ўсиқ қошларни силади. Силай туриб вужудидан яна фарёд отилиб чиқди.

Осмон қаърига икки кунгача фарёд отилиб турди. Кейин бу овоз бошқа ерларга кўчди.

У озиб-тўзиб кетди. Борар жойини ҳам унутди: телба бўлиб қолди. Каллани қўлидан қўймай, тентираб юраверди. Бир ерда оёғи тойиб, пастга қараб юмалаганида уни йўқотди. Алам билан нола чекди. Охири бир юмалоқ тошни калла хаёл қилиб авайлаб олди. Қош-кўзни излади. Тополмай уввос солиб йиғлади. Лекин уни ташлаб юбормади. Эҳтиётлаб кўтариб юраверди.

Орадан бир неча кун ўтгач, савдо важидан Кошғарга бориб-келиб юрувчи ўзбеклар уни кўриб қолиб, хачирга мингаштириб олдилар. Чарх ураётган қузғунлар емишларидан маҳрум бўлдилар. Кўчкини пастлаб ўтган савдогарлар йиғисидан безор бўлиб, уни яна ташлаб кетдилар.

Қузғунлар яна емиш умидида унинг устида чарх ура бошладилар...

Элчилар

Ноғоралар чалинди. Жарчилар жар солиб, бухороликларни баланд минора атрофига тўпладилар. Сарой ва дин, тижорат ва иродат аҳли одатларини қилиб, минорага яқинроқ ердан жой олдилар. Юзу кўзларида ҳадик зоҳир бўлган аҳли ано билан аҳли ниёз эса панароқда туришни афзал кўрдилар.

Жарчилар Бухоро салтанатида «шаккок» пайдо бўлгани, Вобкент минораси сиртида тик юргани, амир ҳукми билан бугун унинг улкан минорага рўпара қилинажагини каллаи саҳарлаб фуқарога маълум этдилар.

Тўпланганлар бу гапларга бир ишониб-бир ишонмай, гангиб, ора-сира баҳслашиб, «шаккок»нинг олиб келинишини кутар эдилар:
— Минора сиртидан юргани ёлғон бўлса-чи?
— Боши кетади.
— Рост бўлса-чи?
— Бари бир боши кетади.

Минорага яқин турганлар ҳам бўлажак воқеани ўйлашар, аммо четдагиларга ўхшаб, фикрларини тилга узатмас эдилар:

«... Агар-чи, «шаккок» чиндан ҳам минора сиртида тик юра олса, у одам эмас, иблис бўлади. Иблис фуқаро орасига айландими, имон кетади. Имон кетса, давлат таянчидан айрилади. Фарғона музофоти қақшаб, Бухородаги йиртиқ чопонлар ғимирлаб турганда бу нимаси эди? Худо бу офатни уларга не учун раво кўрди? Қайси гуноҳлари учун жазоламоқчи? Иблис шу қадар қудратга эга экан, уларнинг жонини суғуриб олиши ҳам мумкин-ку? ... Атрофда сипоҳилар мунча кам?...»

Ана шу саросима билан орқага қараганда тисланишга жой йўқлигини кўргач, ноилож юрак ютиб, жойларида қотиб қолавердилар.

Ниҳоят, оёқ-қўлларига кишан урилган «шаккок»ни олиб келдилар. Баланд бўйли, елкалари кенг, кўзларида ўт чақнаб турган сарпойчан бу одам аравадан бамайлихотир тушиб, минора томон юрди. Буни кўриб, оломон бир гувранди.

Амир фармони ўқилди.
Майдонга сирли сукунат чўкди.
«Шаккок» кулимсираб тураверди.
Оломон ҳайратда...
Муллаваччалар даврасидаги қорувли йигит «шаккок»ни кўрди-ю, тили калимага келмай қолди. Бухороликлар орасида «Табиб афанди» деган ном билан маълум бўлган одам кўзида эса нечундир ғазаб учқунланади.

«Шаккок» одамлар орасидан уни излаб топгач, яна кулимсиради. Кишанлар ечилишини ҳам кутмай минора сиртига оёқ қўйди. Қадди бир оз қияланиб турди-да, кейин ростланди. Кишанларни шарақлатганча, тик юриб кетди.

Четроқда турганлар калима келтириб, ваҳимага тушиб, қоча бошладилар.

«Шаккок» миноранинг нариги томонидан юриб тушганида майдонда қўрқувдан титраётган беш-ўн сипоҳидан бўлак ҳеч ким қолмаган эди. «Шаккок» бир ножўя ҳаракат қилса, улар ҳам қочиб қолишга тайёр эдилар. Аммо унинг ҳаракатида тажовуз сезилмади. Кулимсираганича аравага чиқиб ўтирди. Сипоҳийлар нима қиларларини билмай, яна зиндон сари юрдилар.

Эртаси куни Бухоро халқини ташвишли хабар уйғотди: минора сиртида тик юрган «шаккок» қанотли махлуққа миниб, учиб кетибди! Соқчиларнинг барчаси унинг ўрнида — зиндонда ухлаб қолишганмиш...

Таҳликада қолган шаҳарда Оллоҳ йўлига қурбонлиқлар аталди. Одамларнинг ҳаловати йўқолди. Барча қиёматнинг ҳақ эканига ишониб турган кезда, кунчиқар томонда кучли гулдирак товуши эшитилди. Кейин фалак қарсиллаб, иккига ажралиб кетгандай бўлди. Одамлар рози-ризолик тилашиб, қиёматни кута бошладилар. Аммо ваҳимали гулдирак узоқлаша бориб, замин ҳам, само ҳам жимиб қолди.

Саросима билан кутилган қиёмат содир бўлмади.

Худди шу онда Ер курраси атрофида йўлдош каби айланаётган ясси кема сайёрадан узоқлашиб, Сомон йўли томон учди.

Кеманинг учбурчак шаклидаги асосий хонасида Бухоро халқини саросимага солган «шаккок» — Танг сайёрасининг элчиси Лукн бошини эгиб ўтирарди. Ундан икки қадам нарида турган сафар раҳбари — ерликларга «Табиб афанди» сифатида танилган Рҳақ ҳам жим эди.

... Лукн қилган ишидан вақти чоғ бўлиб, амир зиндонида хотиржам ётар эди. Истаса, шу оннинг ўзида зиндондан чиқиши, аркка кириши, ҳаммаёқнинг тўс-тўполонини чиқариши мумкин эди. Уни Рҳакдан бўлак ҳеч ким ушлаб қололмасди. Дарвоқе, Рҳақ... Лукн

Табиб афанди либосидаги ўзининг ҳамроҳини кўз олдига келтирганда юзида ғолиб кишининг мамнун ва мағрур кулгиси пайдо бўлди. Ҳа, Рҳақ — ерлик одамлар онгига юксак баҳо бериб юрган донишманд бугун беадад саросимага тушди. Лукннинг минора сиртида юришиёқ одамларнинг ақлини олди. «Улар қумликлар панасидаги фазо кемасини кўришса борми, эслари оғиб қолиши тайин. Бу одамлар тараққиёт йўлига чиқа олмайдилар. Рҳақ энди бунга ишонган бўлиши керак». Ерликлар «Осмон» деб атовчи бу қора бўшлиқда Танг деган сайёра борлигини рад қилиб бўлмаганидек Лукннинг назарида бу фикрини инкор этиш мумкин эмас. Унинг учун ерлик одамларнинг саросимага тушишларидан кўра, ҳамроҳи кўзидаги ташвишни кўриш муҳим эди. Лукн бу ташвишни кўрди! Бу ташвиш пардаси ортида мағлуб одамнинг нигоҳи яширин деб ўйлаган. Лукн баҳсларнинг ўз фойдасига ҳал бўлганига, Танг сайёрасига — она юртига ўзининг мутлақ тасдиқланган фикри билан қайтажагига амин эди.

Ана шу ишонч унинг вужудига роҳат бахш этди. Бутун чарчоқлари ҳовур каби кўтарилгандай бўлди. Зиндонга яқинлашишга юраги дов бермаётган соқчиларга қараб, кулимсираб қўйди-да, ғадир-будир тошлар устига узала тушди. Шу кўйи кўзи илинди.

Зиндонда мамнун ётган Лукн янглишган, ҳамроҳи кўзидаги ташвишни тўғри уқмаган эди. Рҳақ эса, аксинча, унинг мамнунлиги боисини яхши англаб, қайтиш тадоригини тезлаштирди. Тунда зиндонга яқинлашиб, ҳали ҳам тили калимага келмаётган, на амирга бўйсуниб «шаккок»ни қўриқлашни, на қочиб қолишни билмай каловланиб турган соқчиларга биоток оқимини йўллаб, ухлатди. Соқчилар яқинлашаётган қора шарпани кўришди-ю, аммо ухлаб қолганларини ўзлари ҳам сезишмади. Эрталаб оқшомда ўзларини «шаккок» зиндонида кўриб, «жонларини омон сақлаб қолган Оллоҳга» минг карра шукр қилиб, «осмондан қанотли одамсимон махлуқот тушиб, оғзидан ўт пуркагани, ана шу оташ забтида ухлаб қолишгани, кейин «шаккок» қанотли махлуқ елкасига миниб учиб кетгани»ни бири олиб-бири қўйиб айтиб берди. «Ухлаб қолган бўлсаларинг, «шаккок»нинг учиб кетганини қандай кўрдиларинг?» дегувчи зот топилмади.

Рҳақ зиндонда ётган Лукнга биоток оқимини йўллаб, уни янада қаттиқроқ ухлатди. Сўнгги ишларга халақит бериши мумкин бўлгани сабабли уни Ер доирасидан узоқлашгунларича уйғотмади.

Лукн қоп-қоронғи бўшлиқда учиб кетаётган кемада уйғониб, аввалига гангиб қолди. Сўнг ерлик одам қиёфасидан чиқиб, асл шаклига кирган — бўйи икки баравар узайиб, қўли кичрайган, бурни ўрнида тангадек тешик қолган, оғзининг катталиги ўзгармаган, аммо сочи чин рангини олиб, ям-яшил бўлган сафар раҳбарига кўзи тушиб, ҳаммасини фаҳмлади. Рҳақга ғазаб билан тикилди...

Ер томон учаётганларида уларнинг зиммаларига фақат бир вазифа — сайёрада истиқомат қилувчи жонзотларнинг тараққиёт даражасини ўрганишгина юкланган эди. Ер ҳаётига аралашиш қатъиян ман этилгани учун ҳам улар одам қиёфасига кириб олгандилар. Ерга қилинган аввалги икки сафар машқ тарзида бўлган, буларники эса дастлабки жиддий тадқиқот саналарди. Мана шу тадқиқот самараси кўп нарсаларни, хусусан, Ер сайёрасининг тақдирини ҳал қилиши мумкин эди.

«Мўлжалдаги ишлар рисоладагидай давом этиб, тадқиқотлар ниҳоясига етай деб қолган эди. Сўнгги хулосаларга келганда Лукннинг асаби чидаш бермадимикин?

Рҳақ шуларни хаёлдан ўтказиб, ҳамроҳига норози қиёфада боқди:
— Камерага кириб чиқ, — деди у босиқроқ гапиришга тиришиб.

Лукн истамайгина ўрнидан турди. Рҳақнинг норози нигоҳи унинг изларига қадалди.

Дастлабки кузатувлардан сўнг, Ердаги (у пайтда сайёранинг номи Ер деб аталишини билишмасди) тараққиёт даражасининг Тангга нисбатан анча орқада экани тахмин этилган эди. Рҳақ сайёра сатҳига тушган кунлари буни дарров фаҳмлади. Бироқ, унинг ўткир зеҳни Тангда маҳв этилган нарсаларни ҳам илғади. Одамларнинг ўзаро самимияти, меҳри, муҳаббати, олижаноблиги, дўстлиги, айни чоқда, мунофиқлиги, адовати, қаҳри, макри, пасткашлиги, бир-бирига ёвлиги унинг учун янгилик эди. Ерликлар ҳаёти унинг фикрини шу номутаносибликлари, шу мураккаблиги билан банд қилди. Ер ҳаёти Лукннинг ҳам эътиборини тортган бўлса-да, у масалага ўзгача ёндашган, кўрганларини ўзгача таҳлил этган эди. Ҳамроҳининг айри қарашларини анча илгари сезган, бироқ жиддий эътибор бермаган Рҳақ минора воқеасидан икки кун аввал бўлган баҳсда Лукннинг фикрлари фақат нотўғригина эмас, балки зарарли эканини англаган эди.

Ер ҳисоби билан салкам бир йил давом этган кузатувдан сўнг, Лукн «Одамзот тараққиёти таназзулга юз тутган», деган қарорга келибди. «Ўзини «инсон» деб атовчи бу жонзотлар бир-бирларини еб битирадилар. Ерда ҳаёт тугайди. Тафаккур даражалари ўсишдан тўхтаган...» Рҳақ бу ақлни ҳазм қила олмас, айни вақтда, ҳамроҳини фикридан қайтариш қўлидан келмас ҳам эди. Лукн Бухоро халқини саросимага солиш билан ўз ҳақиқатини исботламоқчи бўлди. Бу унинг қабиҳлиги эмас, балки калтабинлиги оқибати эди.

Лукн ген камерасида асл қиёфасига кириб қайтди. Рҳақ бўлиб ўтган кўнгилсиз воқеадан сўз очмади. Кема Қуёш мажумуаси сарҳадига яқинлашиб қолган эди. Иккови ҳам уйқу камерасига киришдан олдин сўнгги тайёргарликни кўришди. Қурилмаларнинг ишлашини синчиклаб кузатгач, учиш ихтиёрини автомат-навигаторга топшириб, бир-бирларига бош ирғаб қўйишди-да, ўз бўлмаларига киришди.

Лукн зиндонда ухлаб қолганидан сўнг қандай воқеалар содир бўлганини энди фаҳм этган эди. «Рҳақ маккорлик қилди, — деб ўйларди у. — Мен баҳсдаги фикримни амалда исботламоқчи эдим. У ишимга нима учун аралашди? Баҳсда мағлуб бўлишдан қўрқдими? Ахир унинг баҳсда енгилиши мағлубият эмас, аксинча, сафаримизнинг яхши натижа билан тугашини белгиловчи омил эди-ку? Ерликларни ҳимоя қилиши тушунарсиз бир ҳол. Минг афсуски, сафарга мен эмас, у раҳбар. Бўлмаса жазосини олар эди».

Лукн уйқу камерасига киргач, дарҳол ором топди. Рҳақ эса камерага киришга ошиқмади. У Лукннинг норозилик билдиришини кутган, шунга яраша жавоб тайёрлаб, баҳсга шай турган эди. Ҳамроҳининг индамагани уни ажаблантирди. «Бу тангликларга хос ҳиссизлигими ё фурсат келишини кутмоқчими? Балки ноҳақлигига амин бўлгандир? Йўғ-э!» Рҳақ «Лукн ўлибтирилибди» деган гапга ишониши мумкин эди, аммо унинг фикридан қайтишига сира ишона олмасди. Фикрини ўзгартирадиган жонзотда бошқалар қисматига нисбатан ачиниш, бошқаларни тушунишга нитилиш, бошқалар бахтидан лаззатланиш ҳисси бўлиши керак. Лукнда бундай ҳис йўқ! Демак, фикрида қатъий туради. Асосий баҳс Тангда бошланади. Донишмандлар иккига бўлинишлари мумкин. Баҳсда қай бир томон ғолиб келади — бу ноаниқ.

Рҳақ шаффоф қувур шаклидаги уйқу камерасига кириб кўк рангли симларни билагига, сариқ ранглисини энгагига танғиганидан сўнг, белгиланган режа бўйича юзгача санамай ухлаб қолиши керак эди. Лекин унинг аъзолари бу сафар режага амал қилмади. Кейинги кунлардаги воқеалар Рҳақнинг асабларини қақшатиб юборган эди. Ҳозир, мажбуран ухлаши керак бўлган онда, яна ўша минора, ғолибликдан масрур турган Лукн, зиндонда ерпарчин бўлиб ётган Салимхўжа, ёноғидаги кулгичи ўзига ярашиқли дуркун Назира кўз олдидан бир-бир ўтаверди...

Назира? Воажаб! Назирани нечун эслади? Ердан олиб қайтаётган беҳисоб таассуротлари орасида нечун бу маъсуманинг нигоҳи булут бағрини ёриб чиққан яшин сингари хотираларини тўзитиб юборди? Назира... Назира... Дилбар қиз... Аммо уни ҳозир эслаши жоиз эмас. Юртига омон-эсон етиб олиши учун ухлаши зарур! Шунинг учун Ердан олиб кетаётган хотираларни, шулар тўдасида Назиранинг узорини ҳам қувишга ҳаракат қилди. Чўғ каби йилт этиб кўз очган ҳар қандай хотирани беаёв ўчираверди.

Шу зайлда ухлаб қолди.

... Рҳақ қанча ухлаганини билмайди. Миясидаги қайси бир ҳужайра заифгина бир титраб, уйғониб кетди. Ёнбошига ўгирилди: Лукн хотиржам ухлаяпти. Юрак уришини қайд этувчи тасма унинг ғоят осойишталик билан ором олаётганини билдириб турибди.

Рҳақ ҳамроҳининг юзига тикилиб қолди.

«Бир мақсад билан йўлга чиқиб, икки хил фикрда қайтяпмиз. Ер тангликлар учун яна муаммолигича қолади. Агар Лукн фикрини исботлай олса, Ернинг тақдири ўша дамнинг ўзидаёқ ҳал бўлади: тафаккур даражаси ўсишдан тўхтаган сайёра Танг қарамоғига ўтиши керак! Ерликлар ҳамма нарсадан — тилдан, тарихдан, меҳрдан, дилдан... маҳрум этиладилар. Қадам олишлари ҳам, сўзлашлари ҳам Танг истаги бўйича бўлади. Ернинг тараққиёти, ўз ихтиёрига зид равишда, тангликлар томонидан тезлаштирилади. Оқибат эса...»

Бу фикрдан Рҳақнинг вужуди сесканди. «Йўқ, — деди у ўзига-ўзи, — бундай бўлиши мумкин эмас. Шубҳасиз, Тангда Лукнни қўллайдиганлар топилади. Лекин бу масалада якдиллик бўлишига ишонмайман!»

Рҳақ автомат-навигаторнинг ишини текшириб кўргач, яна уйқу камерасига кирди.

Бу сафар ҳам кўп ухламади. Кимдир туртиб уйғотгандек бўлди. Оёқ-қўллари нима учундир оғир, аъзойи бадани зирқирайди. У бошини қўллари орасига олиб узоқ ўтирди. Эшик очилиб, кимнингдир юзи кўринди. Рҳақ унинг кимлигини илғай олмади. Эшик қандай тез очилган бўлса, яна шундай тезликда ёпилди. Рҳақ ўрнидан туриб тор даҳлизга чиқди. Ҳеч ким йўқ. У беихтиёр изига қайтиб Лукн ётган камерага қаради. Лукн йўқ! Рҳақ ҳайратдан донг қотди. Шу пайт орқасида шарпа сезилди. У шахт билан ўгирилди. Кимдир бошқарув хонасига ўтди. Рҳақ тез-тез юриб, кеманинг асосий бошқарув хонасига кирди. Ҳеч ким кўринмайди. Асбоблар бир меъёрда гувиллаяпти. Кема гўё қоронғи бўшлиқда муаллақ тургандай. Кимдир унинг елкасига қўл ташлади. Бўйнига кимнингдир илиқ нафаси урилди. Рҳақ гангиб қолди. Атрофида ҳеч ким йўқ. У яна шошиб изига қайтди: Лукн жойида ухлаб ётибди. Рҳақ яна шарпа сезди. Бошқарув хонасига кирди. Лукннинг камерасига қайтди...

«Нима бу? Галлютсинатсиями? Асабларим қақшаб, ўзимни эплаёлмай қолдимми? Яна кимдир юргандай бўляпти. Шарпа. Йўқ одамнинг шарпаси. Йўқ одам... Нимага чўчияпман? Йўқ одам қўрқинчлими? Ёвуздан ҳам баттарроқ. Ёвуз билан рўпара бўлсанг, ўлдириб қутуласан. Йўқ одамдан-чи? Уриб бўлмаса, чопиб бўлмаса. Қандай қутулиш мумкин? Йўқ одам хаёлимда-ку! Қаердан келди? Нима учун хаёлимдан жой бердим? Ҳали йўлнинг ярми босиб ўтилмади. Кемада ёлғиз ўзим бедорман. Бошқа ҳеч ким йўқ. Шарпа ҳам йўқ. Лукн ухлаяпти. Бир ўзим бедорман. Бир ўзим...»

Рҳақ шу зайлда ўзини ўзи ишонтира бошлади. Шарпа ҳар қанча хаёлини чалғитса ҳам эътибор бермади. Асаблари бир оз осойиш топгач, уйқу камерасига кирди.

Яна чўчиб уйғонди. Яна аъзойи бадани зирқиради. Бошқарув хонасига чиқди. Кутилмаганда экран ёришиб, Фид кўринди. Ҳамиша жиддий боқувчи ботиқ кўзлар, ўсиқ қош, бир текис оқарган соч, пастки лабининг ўнг томони сал тортилиб турибди. Овози ўша-ўша дағал:
— Сен янглишдинг, Рҳақ. Энди ҳукмни ўзинг чиқарганинг маъқул.
— Ҳукм? Нима учун?
— Янги тартиблар бехато ишлашни талаб этади.
— Бундай тартибларни фақат жоҳилларгина жорий қилади!
— Зукколарнинг изми ҳамиша жоҳиллар қўлида бўлиб келган.
— Янглишяпсан! Донишмандлар ҳеч қачон жоҳиллар қаршисида тиз чўкмаганлар.
— Аммо улар билан доимий кураш олиб боришга мажбур бўлганлар. Вақт ва қувватни беҳуда сарф этиш зукко учун оғир азоб эканини унутяпсан.
— Мақсадингни англамаяпман?
— Ҳукм чиқаришинг керак.
— Қандай ҳукм?
— Сен ўз-ўзини ўлдириш масаласига қандай қарайсан?
— Бундай аҳмоқона ўй сира хаёлимга келмаган.
— Ўйлаб кўр...
— Эсингни йиғ, Фид!
— Ўйлаб кўр... Энг тўғри йўл — шу...

Рҳақ ўрнидан туриб кетди. Кўзларини уқалади. Экран қорайиб турибди. Яна галлютсинатсиями? Рҳақ бемаъни хаёлларни миясидан қувиб чиқариш учун диққатини бир ерга тўплашга уринди. Ўзини ўзи чалғитди. Сўнг яна уйқу камерасига кирди.

Энди аввалгидан ҳам камроқ ухлади. Назарида Фид тепасида тургандай туюлди. Кўзини кескин очиб атрофига аланглади. Ўрнидан турди. Лукн ётган камерага қаради; ҳамроҳи уйқуда. Кейин бошқарув хонасига кириб экранга тикилди. «Фид бошқа кўринмайди, аввалгиси галлютсинатсия эди. Ўзимни ўнглаб олдим. Бўш келиш йўқ...» дея ўзига далда берди. Ҳар қандай шароитда ўзини қўлга ола биладиган Рҳақ Ерга қилинажак сафар олдидаги тайёргарлик даврида ҳам синов камерасида кўп марта якка ўзи яшаган, сунъий галлютсинатсияларнинг барчасига бардош бера олган эди. Ана шу синовни инобатга олиб узоқ муддатли учишга чидайман, деб ўйларди. Аммо у энг муҳим бир нарсани — Ерда ўтган умрини, ҳиссиётлар оқимидаги ўзгаришларни ҳисобга олмаётган эди. Гарчи икки сайёра ўртасида алоқа ўрнатиш учун асосий омил ҳисобланган сув, ҳаво, тупроқ таркиби бир хил бўлса-да, у Ер сайёрасида ўзини кутилмаганда ўзгачароқ ҳис этди. Рҳақ бу хира юлдузда молекуляр комплексларнинг вужудга келиши учун зарур бўлган органик бирикмалар мавжудлигини, бу моддаларнинг эришига мос суюқлик ҳам борлигини яхши биларди. Аммо илмий кузатиш ва тадқиқотларга бўйсунмайдиган талай омилларни кейинроқ пайқади. Фақат пайқаб қолмай, уларни алоҳида меҳр билан ардоқлай бошлади. Одамларнинг ўзаро муносабатидан келиб чиқадиган бу омиллар унинг руҳиятига таъсир кўрсатган, шу сабабли ҳудудсиз фазосаробининг домидан қутула олмаётган эди.

У қорайиб турган экранга қараб ўзини ғолиб сеза бошлади. Рҳақ галлютсинатсияни чекинтирганига амин эди. Ҳатто ғолиблик нашидаси қўнғир юзида ҳам сезилди. Ўзини чалғитиш учун кундаликларини варақлайман деб курсига энди ўтирганида, экран яна ёришди-ю, Фиднинг совуқ, қаҳрли юзи кўринди. Рҳақнинг бадани жимирлади.
— Кутмовдингми? — деди Фид киприк қоқмай.
— Кутган эдим. Лекин истамагандим.
— Истак билан мажбурият бошқа-бошқа нарса. Тангда истак деган тушунчага барҳам берилганини унутдингми?
— Аксинча, афсус билан эсладим.
— Рҳақ! Сен Тангга қайтяпсан. Ундан қочаётганинг йўқ. Юртингдаги тартибларни афсус билан эслаш ҳуқуқидан маҳрум эканингни унутма.
— Ҳаққим йўқлигини яхши биламан. Аммо начора, афсус билан эслайдиган тартиблар кўплигини Ерда аниқ сездим.
— Биздаги тартиблар осмондан олинган эмас. Минг йилларни оралаб ўтиб, пишиб-этилган. Унга шак келтирма.
— Биз минг йиллар давомида гангиб юрган эканмиз.
— Рҳақ, тилингни тий! Сенга нимамиз ёқмай қолди, айт, балки янглишаётгандирсан?
— Қани энди янглишаётган бўлсам. Бу қадар ёнмас эдим.
— Айт.
— Фид, сен менинг қанча болам борлигини биласанми?.. Йўқ. Бошқаларникини ҳам билмайсан. Мен ҳам шундай — хабарсизман. Чунки биз фақат хизмат юзасидан алоқа қиламиз. Бизга фақат бир нарса — юксалиш учун ишлаш, ишлаш учун юксалиш керак. Бурч, садоқат, меҳр деган тушунчалар тараққиёт йўлидаги ғов... Фид, сен севиб уйланганмисан? Ўйламай қўя қол. Ҳаммамиз компютернинг маълумотларига қараб уйланганмиз. Назаримизда севгимиз алдамчи, компютер эса алдамайди. Биз юксалиш учун ишлашимиз, ишлаш учун юксалишимиз керак. Фид, сайёрамиз хавф остида қолса аҳволимиз нима кечади, сен ҳеч ўйлаганмисан?
— Ўйламай-чи? Биз бу хавфни лаҳзада бартараф этамиз. Сен қудратимизга ҳам ишонмай қолдингми?
— Ишонаман. Аммо фазонинг қай бир нуқтасида биздан ўн карра қудратлироқ онгли жонзот бўлса-чи?
— Йўқ, бу фаразинг ноўрин. Энг олий онг фақат Тангда мавжуд. Биз табиатни енгган ягона олий онг эгаларимиз.
— Сен ҳақсан. Аммо хавф туғилиб қолса, енгишга чоғимиз келмайди. Бизнинг бир-биримизга қадримиз йўқ, бир-биримизни қўллаб-қувватламаймиз. Шунинг учун ҳам ожизмиз.
— Бекор айтибсан. Қадримиз бор. Бир-биримизни қўллаб-қувватлаймиз ҳам. Танг аҳолиси ўртасида энг яхши муносабат мавжуд.
— Сен энг яхши деб атаётган муносабат қуруқ, сохта.
— Ҳиссиётга берилиш — танглик руҳияти учун ошиқча юк, Рҳақ.
— Мен фақат ана шу юкни кўтариб юришга мингдан-минг рози эдим.
— Рҳақ, руҳинг хасталанибди. Танг тарихини кавлаштириб юрганингдаёқ буни сезиб эдим.
— Фид, энди тарихни очиш вақти етди.
— Йўқ, асло! Танг тарихини ўрганиш — тараққиёт йўлидаги асосий ғов. Тарих фақат махсус гуруҳ учун очиқ. Ўтган замондаги хатолар таҳлил қилиб турилса, бас. Бошқалар фақат юксалишни ўйлаши керак. Орқада ҳеч нима йўқ!
— Фид, фикринг ўзгариб қолибди. Сен Лукннинг гапларини айтяпсан.
— Мен ўзимнинг гапларимни айтяпман. Мен — Лукнман!

Рҳақ сесканиб, кўзини юмиб очди. Дарҳақиқат, экрандан Фид эмас, Лукн қараб турар эди. Рҳақ жон ҳолатда экранни кафтлари билан тўсди. Тасвир йўқолди. У телба бир аҳволда ўрнидан туриб кўзларини уқалади. Экран қорайиб турибди. Яна галлютсинатсиями? Нима бу, ҳалокат белгисими? У бошини чангаллаб ўтирди. Кейин хаёлини жамламоқ учун кўзларини юмиб, столни беихтиёр черта бошлади. Назарида қўли оғирлашаётгандай, ҳаракат мушкуллашгандай туюлди. Кўзини очиб бақириб юборай деди: бармоқлари бештадан бўлиб қолибди! Худди ерликларникидай — бешта! У кўзларини маҳкам юмиб, кейин яна очди. Йўқ. Бармоқлари бешта эмас, тангликларникидай учта. Демак, яна галлютсинатсия. Асаблари панд беряпти. Қандай бўлмасин ухлаши керак. Йўқса, манзилига етиб боролмаслиги мумкин.

Кема бир маромда учиб борар, Рҳақнинг асаблари эса тобора издан чиқар, нохуш кечинмалар ўтида қовуриларди. Кейинги кунларда кўзига фақат Фид — Ерда ҳаёт борлигини башорат қилган донишманд Фид кўринади. Қандайдир ҳукм чиқаришга, уни ижро этишга ундайди.

Рҳақ Фид билан кўп жиҳатдан ҳамфикр эди. У галлютсинатсия домидан озод бўлган кезлари хаёлий баҳсларни эслаб ҳайратланди. Чунки Тангда Фид билан бирон-бир муаммо устида бунчалик қаттиқ тортишмаган эди.

Танг фазогирлари жуда кўп юлдузларга бордилар. Лекин ҳеч бирида онгли мавжудот учратмадилар. Донишмандлар марказида эндигина таҳсилни тугатган Фид катталиги жиҳатидан ҳам, нури жиҳатидан ҳам ўзгалардан фарқ қилувчи юлдуз атрофида ҳаракат қилаётган нисбатан майда ва нурсиз тўққиз юлдузни кузата бошлаганида унга айтарли аҳамият беришмади. Бир томонда ўзини қоя деб ҳис қилувчи донишмандларнинг тахмини исботланмай турганда, бу «гўдак»нинг фаразларига ким ҳам эътибор қиларди? Фид мақсадга фақат иқтидор билан эмас, балки сабр-тоқат билан ҳам борилажагини яхши биларди. У ултрабинафша спектрометр ёрдамида ёрқин юлдузга яқинлик бўйича учинчи турувчи, катталикда эса бешинчи ўринда турувчи хира юлдуз атмосферасининг кимёвий таркибини аниқлаб, ундаги водород ва гелий миқдори Тангники каби эканини айтганда ҳам, хира юлдуз атмосферасида сув буғи мавжудлигини спектроскопик тадқиқотлар исбот этгандан кейин ҳам шуҳратга умид қилмади. У ўзини донишманд санайдиган, аслида «нима учун кундузи ёруғ, тунда қоронғи бўлади» деб бош қотириб юрадиган чала олимлар қаторида навбат кутишга мажбур бўлди. Бу унинг иззат-нафсига тегса-да, сайёрада жорий бўлган қонунга тик боролмаслигини билиб, тоқат қилди. Тангда унинг кашфиётидан ҳайратланиб, биринчи бўлиб қутлаган кимса Рҳақ эди. У дўстининг тахминларига ишонарди. Фаразларнинг исбот этилиши Рҳақ учун нур устига аъло нур бўлган эди.

Биринчи фазогирлар Ерга сафар қилиб қайтишганда уларнинг қувончи чексиз эди. Фазогирлар иккинчи учишга тайёрланаётган вақтларида Рҳақ учинчи — энг муҳим сафарга ўзи боражагини ҳали билмасди. Мана учинчи тадқиқот ҳам тугаяпти. Энди тўртинчисига ким бораркин?

Бу савол ерда эканидаёқ Рҳақнинг кўнглига ғулғула солган, дилида: «Имкон бўлса яна ўзим келардим», деган умид ҳам уйғонган эди. Кўнглини безовта қилаётган хаёлий баҳс-мунозаралардан кейин Рҳақнинг Ерга яна қайтиш ҳақидаги илинжи барбод бўла борди.

... Бу сафар ҳам чўчиб уйғонди. Яна Фид билан рўбарў бўлишини эслаб юраги орқасига тортиб кетди. Бир нуқтага тикилиб хаёлини тўплади. Бошқарув хонасига ҳам, Лукн ётган камерага ҳам қарамай, Ердан олиб кетилаётган «ўлжалар» турувчи бўлмага кирди. Кафтдек экран бурчагидаги қўнғир мурватни буради. Экранда Ер тасвири кўринди; дарахтлар гуллаган, паға-паға оқ булутли осмон ер билан қўшилиб кетгандай— осмон акси ерга тушяптими, ё аксинчами, билиб бўлмайди. Ариқларда сувлар тўлиб, хас-хашакларни суриб оқади...

Рҳақ бу тасвирга қараб енгил тортди. «Бу хонага аввалроқ кирсам бўлмас эканми», деб ўйлаб юмшоқ ўриндиққа ўрнашиб ўтирди. Шу пайт орқа томондан бир овоз келди. Рҳақ чўчимади. Аксинча, овозни қайта кутди. Овоз яна эшитилди. Рҳақ ўртанди: у Назиранинг беозор кулгисини эшитган эди. У орқасига ўгирилишдан чўчиди — қараса, Назира ҳуркиб учиб кетадигандай эди. Қиз рўпарасига келмаса ҳам майли, фақат кулгиси эшитилиб турса бас. Худди шу кулги унинг назарида кемадаги нохуш нарсаларнинг барчасини қувиб чиқаради.

Назира... Назира... Нимага кулмаяпти. Нимага жимиб қолди? Табиб афандига — Рҳаққа айтадиган гапи йўқми? Хайрлашмай кетган «беоқибат» Табиб афандидан хафами? Шунинг учун ҳам ёлғизлик тўрларида бўғилаётган Рҳақ ҳузурига кечикиб келдими? Назира... Нимага жимиб қолди?

Рҳақ чидай олмади. Орқасига ўгирилди: нигоҳи қора қутиларга урилди. — Назира йўқ! Фид адоқсиз баҳслари билан унинг юрак-бағрини қон қилиб юборди. Хотирасида қизнинг тикланиши балки шу яраларга малҳам қўярмиди? Рҳақни руҳий ҳалокатдан асраб қолармиди?

Экрандаги тасвир сўнди. Рҳақ уни қайтадан қўйди. Сўнг қора қутилардан бирини очиб, қўлига илинган китобни олди: Ҳофиз Шерозий. Назиранинг акаси Тўхтамурод хўб таърифини келтирган эди. Шоирнинг бир байти Рҳаққа ажабтовур туюлиб, ёдлаб олган эди: Агар он турки шерозий ба даст орад дили мо ро,
Ба ҳоли ҳиндуяш бахшам Самарқанду Бухоро ро.
Китобни қўлига олиб варақлади-ю, шу байтни эслаб кулимсираб қўйди. «Ерликларнинг муҳаббатидан ақл лол қолади, — деб ўйлади у. — Битта ҳол учун икки шаҳар бермоқчи. Суриштиришса ошиқнинг икки тангаси йўқдир. Лекин ихтиёрида икки шаҳар эмас, икки дунё бўлса ҳам гўзалнинг бир холига алмаштириб ташлаши тайин. Ерликларнинг муҳаббати шунақа— ошиқ одам эсини йўқотиб қўяди...» Рҳақга бу нарса аввал эриш туюлган, ерликларга хос кераксиз ҳис деган хулосага келган эди. Кейин, чуқурроқ ўйлаб кўриб, одамларни бир-бирига худди шундай муҳаббат боғлаб турганига ишонди.

Кимдир қўшни бўлмада туриб, пичирлаб шеър ўқигандай бўлди. Рҳақ сергакланди. Кимдир хўрсинди. Яна шеър ўқиди — Назира! Ҳа, Рҳақ унинг овозини илк марта шу зайлда эшитган эди.

... Девор ортида бир қиз овозини кўтармай ғазал ўқирди. Рҳақ қувурга тиқилиб, сув йўлини тўсиб қўйган хашакларни олиб ташлаш учун девор томон яқинлашганда, қиз боланинг овозини эшитиб, тўхтади. Ишқий ғазални тинглаб, қизнинг ёшини чамалади: ўн олти-ўн еттида бўлса керак. Рҳақ девор яқинида кўп турмади. Сув йўлини очиб, ҳужрасига қайтди.

Ҳозир ҳам Назира қўшни бўлмада туриб ғазал ўқиётганга ўхшади. Рҳақ қулоқ тутди: ғазалнинг сўзларини англамади.

Овоз тинди. Рҳақнинг хотирасидаги қиз қаёққадир йўқолди.

Рҳақ уни қайтариш истагида шоша-пиша қутини титди — қиз севган китобни ахтарди. Топди. Ўша заҳоти қизнинг овози келди, ҳатто экранда ўзи ҳам кўринди.

«Сиз Зебунисо бегимнинг ғазалларини яхши кўрасизми? Акамга Ҳофиз Шерозий билан Фузулий бўлса, бас. Шоираларга ҳушлари йўқ. Эшитинг-а:

Киприги — ханжар, карашма — тиғ, кўз ташлаш — яшин,

Гар шаҳид бўлмоқчи эрсанг, карбало бу ердадир...

Бу байтларга ҳазрат Навоий ҳам офарин айтган бўлар эдилар. Акам: «Яхши байт айтиш фақат эркакларга хос», дейдилар. Нодирабегимни ҳам назарга илмайдилар. Сиз доно одамсиз, акамга айтинг: бу қадар бемеҳр бўлмасинлар...»

Бошқарув хонасида чақирув сигналлари янграб, экрандаги тасвирни ҳам, Рҳақнинг хаёлларини ҳам тўзитиб юборди. Рҳақ шошиб ўрнидан турди.

Кема Тангга яқинлаша бошлаган эди. Дам ўтмай Лукн ҳам уйғонди.

Қолган кунлар Рҳақ учун азоб бўлди. Лукн билан деярли гаплашмайди. Галлютсинатсиядан қутулди. Назиранинг овози ҳам эшитилмайди. Юраги тошиб кетаверади. Асаблари қақшайди. Худди жон томири узилиб кетадигандай хавотирга тушадиган бўлиб қолди.

Рҳақ кеманинг Танг саҳнига оҳиста қўнишини ҳам сароб деб ўйлаб, узоқ вақт жойидан жилмай ўтирди. Ён-атрофидаги тасвир ўзгармагач, туши эмас, ўнги эканига ишонч ҳосил қилиб ўрнидан турди. Бироқ юра олмади. Оёқлари зилдай оғир эди. У мувозанатини йўқотиб курси суянчиғини ушлади-да, жойига қайтиб ўтирди. Асбобларнинг ғувиллаши тингач, қулоғи шанғиллади. Кўзларини юмди. Тангга ета олмай ё жинни бўламан, ё ўламан, деган ўй уни исканжага олиб, кўп қийнаган эди. Ниҳоят, Тангга етиб келди. Эс-ҳуши жойида. Саломатлиги ҳам ёмон эмасга ўхшайди. У бахтли тасодиф билан омон қолдими? Йўқ одамнинг шарпаси қанчалар азобга солди? Фид-чи? Яхши ҳамки Назиранинг хотираси далда берди. Йўқса...

«Ҳозир мутахассислар кема эшигини очадилар. Улар орасида Фид ҳам бормикин? Хаёлий баҳсларимизни эшитиб нима деркин?»

Тор Дунё

Рҳақнинг асабларидаги салбий ўзгариш қайд этилгач, унинг донишмандларга ҳисоб бериши кечиктирилди. Шифохонада ётиб даволаниши зарур эканлиги ҳақидаги гапни эшитиб, у эътироз билдирди. Чунки Лукннинг маълумотларига қарши курашни кечиктириб бўлмаслигини яхши биларди. Айни чоқда, донишмандлар ҳукмининг мутлақ эканини унутган экан — ноилож шифохонага борди. Борди-ю, баттар сиқилди. Гарчи галлютсинатсия энди таъқиб этмаса ҳам, хаёлий баҳсларга чек қўя олмади. Юраги қон бўлиб кетди. Кўнгли кенгликларни қўмсади. Кенглик... Қаерда бор? Ерда мавжуд эди...

Тангда икки кишига мўлжалланган учувчи ясси учоқлар ихтиро қилингач, кўчаларга эҳтиёж қолмаган, натижада, бир-биридан ўзишга баҳс бойлагандай кўкка бўй чўзган ойнабанд бинолар ораси сўнгги имконга қадар торайтирилган эди. Рҳақ Ерда юрганда ана шу учоқларни кўп ўйлади. Баъзан бу ясси учоқлар осомонни худди заъфарон булут каби тўсиб олар, ана шунда бино пойида турган киши ўзини ўрага қамалиб қолгандай ҳис этарди. Тангда ясси учоқ билан бино томига қўниб, ичкарига юқоридан тушишга кўниккан Рҳақ Ердаги бир қаватли содда биноларни кўриб, дастлаб ажабланган эди. Энди билса, ўша бинолар кенгликка эрк бериб тураркан. Тангда эса... бу эскирган ибора. Тангликлар бир-бирига елка тирагудай бўлиб турган баланд уйларга кўникиб қолишган. Тор дунёга кўз ўрганган. Бироқ кўнгил кўниколмайди.

Ҳозир ҳамма уйқуда. Рҳақ эса мижжа қоқмайди. У бир неча кундан бери бедор. Ҳеч ким билан гаплашмайди. Ҳеч кимга дардини айтолмайди.

Рҳақ навбатчиларни уйғотиб юбормай деб, оёқ учида юрганича даҳлизга, ундан ҳовлига, ундан тор кўчага чиқди. Ҳаво дим. Тўғрига кетаверди. Қаерга бораётганини ўзи ҳам билмайди. Кўнгли фақат бир нарсани — кенгликни қўмсайди. Тангда бундай жой йўқлигини билса-да, қалбидаги яширин илинжга ишониб боради. Хаёли жиловсиз. Эътиқод, ният, эзгулик қора тамға остида. Бош кўтаришга ожиз. Сурур эса Тангни аллақачон тарк этган... Чунки кимдир, қачондир «бу ҳиссиётлар тараққиётга ҳалал беради», деб барчани ишонтирган, оқибатда сайёрадаги каттаю кичик фақат тараққиётни ўйлаб яшашга кўника борган ва бу қонун тусига кириб қолган эди.

Тонготарда Рҳақ мўъжаз боғ рўпарасидан чиқди. Аслида бу боғ эмас, қачонлардир савлат тўкиб турган ўрмоннинг омон қолган бир бўлаги. Табиатни енгган тангликлар марҳамат тариқасида, тўғрироғи, ёввойи табиатдан ёдгорлик сифатида ҳар ўрмондан мана шундай бўлаклар қолдирган эдилар.

Рҳақ кенгликни шу ердан истаб топмоқчими?

Дунё тор. Бир қарич ҳам бўш ер йўқ. «Қаердадир кўнгилга таскин бера олувчи, худди Ердагига ўхшаган кенглик бўлиши керак, — деб ўйларди у. — Поёни йўқ уфққа туташиб кетувчи кенгликсиз яшаш мумкин эмас... Алаҳсираяпманми?.. Тентакман... Бедорлик кучини кўрсатяпти. Саробни орзу қиляпман...»

Рутубат босиб турган бинолар орасида юриб, толиқди. Танг қуёши — Зауранинг сарғиш нурларида жилваланувчи шиша бинолар, унинг назарида, кенгликнинг сарҳади. Рўпарасидаги боғ — ўрмоннинг омон қолган бўлаги ҳам чегара. Кенглик ҳар томондан ўраб олинган. Сиқиқда қолган. Кўнгил шу чегарани ёриб ўтишни истайди.

Рҳақ дарахтзорга кирди. Аввал қуриб-қақшаб ётган сўқмоқдан, сўнг майса қоплаган заҳкаш ердан юриб кетди.

Сокинлик. Гўё шаҳарнинг асабни эговловчи шовқини ҳам жилвагар баланд бинолар оралаб шу дарахтзор томонга оқади-ю, дастлабки майсаларга дуч келгач, зах ерга сингиб кетади. Ҳатто қушларнинг чуғури ҳам эшитилмайди. Дарвоқе, қушлар... Уларнинг номлари ҳам, суратлари ҳам тарих саналиб, Тангнинг ёш авлодларидан сир сақланади. Ҳимоясиз қушлар Танг ҳавосидаги кескин ўзгаришнинг дастлабки қурбонлари бўлишди. Лекин ҳеч ким бунга эътибор бермади. Ҳатто кислород миқдорининг камайиши ҳам тангликларни ташвишга солмади. Ҳам яссилик, ҳам тиккалик бўйлаб юра олишга қодир, фақат юксалиш учун ишлаётган, ишлаш учун юксалаётган бу олий онг эгалари учун сунъий кислород кашф этиш қийин эканми? Ҳаво— сунъий, озуқа — сунъий. Фақат аъзолар, юрак росмана. Бироқ, уларнинг ишлаши ҳам ғайритабиий.

Рҳақ тўхтаб, атрофига зийраклик билан боқди.

Осудалик... Тангнинг бу бир парча ерида осудалик ҳукмрон. Кенгликнинг эса чор-атрофи сиқиб қўйилган. Табиат замон ҳукмида. Дарахтларнинг тўрт қулоч баландликка қадар тик ўсган танаси, кескин ёйилган шохларида ҳаёт нишонаси сезилмайди — ҳаракат йўқ. Чўп устига омонат қўйилган ликопчани эслатувчи бу дарахтлар шамолга қарши курашишни, эгилиб-букилиб қаршилик кўрсатишни, оқибатда эса ғолиблик виқори билан қад ростлаб, савлат тўкиб туришни унутишган. Рҳақнинг назарида булар мўртроқ шишадан қилинган, чертиб юборсанг, шоху барглари дув тўкиладигандай эди...

Дарахтзор оралаши билан бирдан димоғига шифохона ҳиди урилди. Дарахтзорда бундай бўй нима қилсин? Рҳақ бу ҳидни хотирасида олиб келган. Дам ўтмай бу ҳид бошқа ислар билан қоришиб кетди. У ҳолсизланиб, дарахтга суянди. Барча нарсаларга қизиқишсиз, бефарқ қаровчи кимсалар барглар орасидан мўралагандай бўлишди. Уларнинг кўзлари бўм-бўш кенгликка қадалган... «Бўлмаган гап! Бўш кенглик ҳеч ерда йўқ... Ҳатто хаёл ҳам банд. Тасаввур кенгликни унутган. Нимани излаяпман? Кенглик — балки ўлим чоҳидир? Шу чоҳ кенгликка олиб борар? Агар шундай бўлса, ҳаракатим бесамар. Излаганим сайин ўлим мендан қочяпти. Наҳот қолган умрим бекинмачоқ билан ўтса? Ё Ердан олган таассуротларим аста-секин ювилиб кетармикин? Мен ҳам аввалгидай ҳиссиз, бераҳм, бееътибор бўлиб қолармиканман? Бераҳмлик... Илгари бундай деб ўйламас эдим. Авваллари жазога тортилаётганлар қисматига ачинмасдим. Ҳатто... ўғлимга ҳам. У ўртоқлари билан гуруҳ тузиб, тараққиётни изига қайтаришни хаёл қилганда кўп жиҳатдан ҳақ эканини билардим. Била туриб ҳайрихоҳ бўлолмадим. Муддаосига ета олмаслигига кўзим етса ҳам тўхтатишга ҳаракат қилмадим. Вақтимни аядимми? Ҳа, мен умримнинг ҳар бир нафасини тараққиёт, фақат тараққиёт учун сарф қилишни ўйлардим. Болаларни бир сўз билан жазодан олиб қолиш имкони бўла туриб, нимага қутқармадим? Худбин эдимми? Донишманд икир-чикирлар билан эмас, илм билан машғул бўлиши керак, деган «ғоя»га шунчалик қул эканманми? Ахир менинг қисматим ҳам бошқалар учун, ҳатто жазосини олган ўғлим учун икир-чикир масала бўлиши мумкин-ку? Нимага буни фаҳмламаган эдим? Нақадар жаҳолат! Тараққиёт ва жаҳолат! Мен ўтган йўлимга нима учун бу қадар кеч разм солдим? Агар Ерга бормаганимда шу фикрлар хаёлимга келар эдими?..»

Рҳақ бу саволларига жавоб топа олмади.

Дарахт панасидагилар Рҳақдан нигоҳ узмай жим туришибди. Улар Рҳақнинг дардли ўйларига бефарқ. Қарашлари жонсиз, ҳаракатсиз. Улар аста-секин дарахтзорга сингиб кетдилар.

Рҳақ яна ичкарилади. Кафтдек ялангликка чиқиб, тўхтади. Ўртада катта харсанг. Бу атрофда бошқа тош йўқ. Илгари харсанг остидан сув қайнаб чиқарди. Синиб тушган шох-шаббалар, кўкатларда қумурсқалар ўйнаб юрарди. Энди сув қуриган. Қумурсқалар ҳам йўқ. Бошқа сувли, нам ерларни излаб кетишдимикин, ё қирилиб битишдимикин?..

У Ердаги булоқларни эслади. Қулоғи остида сувнинг шилдираши эшитилиб энтикди. Боши айланиб, ўтириб қолди. Бир зум кўзини юмиб очди. Энди барглар орасидан ерликлар қараб тургандай бўлди. Бу кўзларни кўргач, увишган қони юришиб кетгандай, бадани илиб, асаблари тинчлангандай туюлди. Яқин ўртада булбул сайради. Рҳақ Тангда булбул бўлганми-йўқми, билмайди, лекин унинг овозини Ерда дастлаб эшитганда юртида ҳам шундай қушча бўлишини жуда-жуда истаган эди... Барглар шитирлади. Гўё ерликлар кўзларини юмиб-очиб: «Қандай харобазорда юрибсан?» деб ҳайратланаётгандай туюлди. Рҳақ чуқур хўрсинди-да, кўзи беркилган булоққа қаради. Кейин бошини қўллари орасига олиб, харсангга ўтирди. Кетгиси келди. Қаёққа боради? Яна ўша шиша қаср — шифохонагами? Нонушта пайти яқинлашди. Шунга шошиляптими? Очдан ўлмаслик учун овқатланиб, сўнгги нафасини кутиб ётишга ошиқяптими?

«Уф... дунё тор... жуда ҳам тор...»

Рҳақ изига қайтди. Дарахтзордан чиқиб, йўл четида турган кимсага кўзи тушди. Тўхтади. Дарахтзор томонга қараб турган киши эса юра бошлади. Фидми?
— Фид... — Рҳақнинг лаблари титраб кетди.
— Рҳақ! — Фид тез-тез келиб ҳамрозини қучоқлаб олди.
— Фид...
— Гапирма, ҳаммасини биламан. Кундаликларингни ўқидим.
— Мен янглишибманми?
— Ҳозир бир нарса дейиш қийин.
— Ахир...
— Бехато фикрлашнинг нималигини биласанми? Мутлақо фикрламайдиганларгина хато қилишмайди.
— Фид, фақатгина сен шундай деб ўйлай- сан. Аммо кўрганларимни тасаввур қилишинг жуда қийин.
— Тасаввур қилдим. Кундаликларингни ўқиб, суратларингни кўрдим. Лукннинг ҳисоботини ҳам эшитдик. Сен беҳад ҳиссиётга берилибсан. Шунинг учун ҳам таассуротларинг тарих тамғаси билан сир сақланади.
— Фид, ахир...
— Баҳслашма. Ҳозирча баъзилар Лукннинг фикрини ёқлаяпти. Ерда шом палласи бошланганига ишонишяпти.
— Йўқ, Фид! Бўлмаган гап! Мен ҳали фикримни исбот қилиб бераман. Аввалги фазогирлар Ернинг турли нуқталарида турли давраларда уйғониш бўлган, фан бирмунча тараққий этган, кейин сўнган, деб тўғри фараз қилганлар. Биз фақат бир нуқтада бўлдик. Мен уларнинг уйғонишига аминман. Мен ёшлар билан кўп мулоқот қилдим. Уларда интилиш бор. Биз қайтар чоғимизда кучли портлаш содир қиладиган маънавий қудрат тўпланаётган эди. Мен сенга бир суҳбатни айтиб бераман. Улардаги тарих ёпиқ дарвоза эмас, демак, уйғонадилар.

Рҳақ Бухоронинг пастак ҳужраларидан бирида бўлган суҳбатдан таъсирланиб, уни ёдига муҳрлаб олган эди. Ҳозир шуни баён қила бошлади.

Табиб Афанди

Рҳақ Ерга қадам қўйиши билан энг аввало одамларга яқинлашиш йўлини ўйлади. Тангда берилган талай тавсияномалардаги турли йўл-йўриқларни мутлақ қонун деб билмади. Чунки улар одамлар ҳаёти, феъл-атворини яхши ўрганмай туриб тузилганди. Линкосмофон ёрдамида Ердаги катта халқлар тилини ўрганган Рҳақ одамлар ичида юриб, уларнинг қизиқишларига зеҳн солиб, табибликни танлади. Худди шу табиблик туфайли одамлар билан яқин алоқа боғлай оларди. Рҳақ ўйлаганча бўлиб чиқди. Тез орада унинг дўстлари кўпайди.

Лукн Рҳақнинг тутган йўлини ёқламай, тавсияномаларга суяниб, одамларни четдан кузатишни маъқул кўрди. Рҳақ бунинг номақбул йўл эканини билса ҳам, оқибати нима билан тугашини кутиб, монелик қилмади. Лукн ўзининг Ерга нисбатан кашф этган ҳақиқатини исбот этмоқ учун кунботар томонда авж олаётган муҳориба майдонларига йўл олди.

Халқ табобатини ўрганган Рҳақ эса одамлар орасида турк фуқароларининг эътибори баланд эканини фаҳмлагач, ўзини турк элидан келган табиб деб таништириб, Бухоронинг кунчиқар томонидаги даҳадан бир ҳужрани ижарага олди. У табобатда қўлланилаётган дори-дармонларнинг аксарияти бефойда эканини билар, аммо Танг табобатининг йўлларини қўллай олмас ҳам эди: бу билан ўзини фош қилиб қўйган бўларди. Ерликлар ҳаётига фаол аралашиш қатъий тақиқлаганига қарамай, Рҳақ баъзан ўзи сезмаган ҳолда хасталарни биоток оқимлари билан даволаб юборар, кейин ҳиссиётга берилгани учун ўзини койирди. Хасталарнинг тез даво топиши изсиз кетмади. Бурни анчайин беўхшов, қулоғи эса, аксинча, кичик, кўзлари ботиқроқ, ранги оқ-сариққа мойил, дам ҳаддан зиёд секин, дам сакрагудай бўлиб юрадиган Рҳақ «Табиб афанди» деган ном билан тез орада эл оғзига тушди. Оқибатда у Бухоро фуқароси ичида янгича фикрлашлари билан ажралиб турувчи зиёли ёшларга яқинлашди. Бу ёшларнинг фикрлари турлича бўлса-да, мақсадлари бир эди. Уларни ҳозирча фақат шу мақсад бирлигигина ушлаб турар, келажакни кўра олиш хислатига эга бўлган Рҳақ вақти келиб бу якдилликнинг дарз кетишини яхши биларди.

Уй эгаси — ўзини одампарвар деб билувчи йигит ҳужрасида йиғилганларида, баъзан, Табиб афандини ҳам чорлашарди. Уларнинг суҳбатларини бир четда жимгина тингловчи Рҳақ баҳсларга айтарли қўшилмас, аммо қай бирининг ҳақ, қай бирининг ноҳақ эканини фаҳмлаб ўтирарди.

Жавзонинг аввалида даврага меҳмон қўшилди. Уни «Сабоҳиддин» деб таништирдилар. Буғдойранг, қўллари катта-катта, елкалари пишиқ, калта соқол-мўйловли, симоби салла ўраган бу муллаваччага Рҳақ дастлабки куниёқ эътибор қилди. Сабоҳиддин даврадагилардан фақат овозининг жаранги билан эмас, кескинлиги, журъати, энг муҳими, эл учун астойдил қайғуриши билан ажралиб турарди. Зоҳиран бошқалар ҳам кўпнинг иши деб қўйғурардилар. Аммо уларнинг ҳар бирида ўз манфаатини ўйлаш ҳисси яширинганини Рҳақ билиб турарди.

Сабоҳиддиннинг ё учинчи, ё тўртинчи келишида баҳс бехосдан очиқ курашга ўтганди. Ўша куни барча шомга қолмай йиғилган бўлса-да, уй эгасидан ҳануз дарак йўқ эди. Даврадагилар хавотирланиб энди тарқалишга тараддудланганларида Шоазиз терга пишган ҳолда кириб келди.
— Узрлиман, афандилар, айбситманг, — деди у астойдил хижолат чеккан ҳолда ҳамма билан бир-бир қўл олишиб сўрашар экан. — Шундайин ажиб бир суҳбатга берилдимки, уни узишга сира журъат қилолмадим. Марҳамат, афандилар, ўтиринглар, ҳозир дастурхон тузайман.

Даврадагилар бунга ҳожат йўқлигини айтиб, эътироз билдиришса ҳам, Шоазиз дастурхон тузади. Қўли ишда бўла туриб, кечикиш боисини баён қилди:
— Писташиканон1дан ўтиб ҳовуз лабига бораётган эдим. Қарасам, Кўкалдошнинг шундай биқинида кишиларнинг ҳожатини чиқариб ўтирувчи мирза имлаб чақиряптилар. Илгари бир-икки салом-алик қилиб эдим, юз ўгириб кетишим айб бўлар, деб ёнларига бордим.
— Мулла йигит, сизни бир сирдан воқиф қилайми? — деб қолдилар.

Ажабландим. Яна амир ҳақида иғво сўз айтиб шўримни қуритмасалар эди, деб ҳайиқдим ҳам. Атрофга қарасам, айғоқчи зоти йўқдай. Мирза хавотиримни сездилар.
— Сиз зинҳор чўчиманг, айтадурганим яхши гап,— дедилар.
— Айтинг, — деб рўпараларидаги бўйрага чўкдим.
— Тунов оқшомда бир йигит менга китоб келтириб, эвазига пича ақча сўради. Қайнотасидан мерос экан. «Ўзимнинг ақлим етмайди», деб ташлаб кетди. Уйга бориб бу китобни ўқидиму ҳанг-манг бўлиб қолдим. Ўзбекларнинг донишманд алломалари бу қадар кўп деб сира ўйламагандим, — дедилар мирза ёқаларини ушлаб.
— Дунёвий илмларнинг аксарига ўша табаррук алломалар пойдевор қўйиб кетганлар, фақат буни элимиз дуруст идрок қилмайди, — дедим.
— Сиз каби мулла йигитлар бу юмушни бўйнига олса ажиб савоб иш бўлар эди, — дедилар у киши афсус билан. Кейин ал Форобий, ал Хоразмий ал Фарғоний, ал Беруний, ибн Синодан тортиб мирзо Улуғбекка қадар ўтган алломаларни бир-бир айтиб бердилар. Бу табаррук зотларнинг номлари қаторида ҳали биз эшитмаган шундай алломалар бор эканки, тинглаб ҳайратга ботдим, афандилар. Сизнинг бунда кутиб ўтирганингиз ҳам хаёлимдан кўтарилибди. Мирзанинг сўзлари тугагач, ўзимга келиб, шошқич йўлга тушдим. Кела-келгунимча элимиз бу зоти табаррукларнинг даҳосидан бебаҳра экан, бунга ким айбли, деб ўзимга-ўзим савол бердим. Кейин, энг аввало амир тузуми айбли, деган тўхтамга келдим.
— Амир «алломалар мероси маҳв этилсин», деб олий фармон чиқарибдими? — деди Сабоҳиддин унинг сўзини бўлиб. Шоазиз бундай луқмани кутмагани учун жавобга тараддудланди. Жўрабоши Салимхўжа унинг жонига ора кирди:
— Бундай фармон қоғозда бўлмаган тақдирда ҳам амалда мавжуд, мулла, — деди у одатдагидай босиқ оҳангда.
— У ҳолда айбномани англаёлмай қолдим, — Сабоҳиддиннинг соддадиллик билан айтган бу гапи Шоазизнинг ҳикоясини узиб, баҳснинг бехос бошланишига сабаб бўлди.
— Амир тузумининг айбини билмоқ учун кўзни очиб атрофга зеҳн солмоқ кифоя. Сиз, мулла, диний таҳсилдан бўлак нарсаларни кўп ҳам эътиборга олмайсиз. Умид қиламизки, бу суҳбатлардан сўнг оқ-қорани дурустроқ идрок эта бошлайсиз. Мен энди айбномамизни сизга шарҳлаб берай: алломалар меросидан баҳраманд бўлмоқ учун энг аввало янги мактаблар очмоқ зарур. Энг муҳими — мактабни аҳли дин назоратидан холи қилмоққа эҳтиёж мавжуд.
— Демак, алломалар хазинасига ғайридинлар йўли билан бормоқ керак экан-да? — деди Сабоҳиддин норози оҳангда.
— Йўқ, — деди Салимхўжа кулимсираб. — Ундай эмас. Агарчи мактаб яна ҳозирги муллалар қўлида қолар экан, дунёвий илмларга йўл очилмайди. Сиз каби муллаваччаларни Ўрусияга, Қоҳирага, ҳатто инглизлар юртига таҳсил олгани юбормоқ даркор. Мадрасаларда замонавий илмларга йўл очмоқ жоиз. Жаноби пайғамбаримизнинг «Бешикдан то лаҳадга қадар илм олинг» дейилмиш муборак ҳадисларини сизга эслатмоқ ўринсиздир.
— Расулиллоҳ, саллоллоҳу алайҳи васаллам, даъватларини нотўғри англабсиз, — деди Сабоҳиддин. — Пайғамбаримиз алайҳиссалом умматларини исломий илмларни эгалламоққа ундаганлар.
— Ҳай, ҳай — деди Салимхўжа унинг сўзини бўлиб.— Жаноб пайғамбаримизнинг даъватларини мен эмас, сиз нотўғри англаган кўринасиз. Муҳтарам пайғамбар афандимизнинг «Илм олмоқ учун ҳатто Чинга ҳам боринг» дейилгувчи шарафли ҳадисларини инкор этмассиз?
— Бу саҳиҳ ҳадислар. Рад этмоқлик — шаккоклик.
— Бале қорим, бале. Энди қўлимизга мантиқ тарозисини олайлик. Ҳамонки сиз билан бизга ҳатто Чин мамлакатига бориб илм олмоқлик фарз этиляпти экан, айтинг-чи, Чин мамлакатида қандай қилиб исломий илм олмоқлик мумкин? Ахир у ер бутпарастлар юрти, исломиятдан ғоятда узоқлар-ку? Алқисса, шарафли ҳадисда дунёвий илм олмоқлик ҳам назарда тутилган. Фақат ухравий масалаларга банди бўлиб қолиш жамиятни ҳам, хусусан, шариатни ҳам бўғиб туради. Насронийлар буни бизлардан аввалроқ англаб етдилар. Шу боис ҳам тараққиёт бобида анча илгарилаб кетганлар, десам фикримни инкор этмассиз, а? Мавжуд дунёвий илмлар ҳам Оллоҳнинг иродаси билан юзага келган экан, демак, уларни ҳам ўрганиш фарздир. Шулар хусусида амир ўйламай ким ўйласин? Амир юртнинг отасиман, дейди-ю, лекин мамлакат равнақи йўлида жон куйдирмайди. Раъиятнинг равнақи илму урфон билангина бўлади. Файзуллахўжанинг Петербургда таҳсил олиб қайтганини айтиб эдим. Ўша зот падари бузургворларининг бутун ақчаларини шу хайрли ишга сарф этмоққа қарор берганлар.
— Ҳаммасини-я?! — деди Шоазиз бу гапга ишонқирамай.
— Ҳа, ҳаммасини.
— Оталарининг ақчалари амирникидан ҳам кўп дейишарди?
— Амир ақча бермаган тақдирда ҳам, йўлга ғов солмаса гўрга эди.
— Амир ҳеч қачон муросага келмайди, — деди Шоазиз асабий қўл силтаб. — Уни маҳв этиш керак, тамом!
— Ундан кейин-чи? — деди Сабоҳиддин уй эгасининг кескин гапидан таажжубга тушиб.
— Ундан кейинми? — Шоазиз, «айғоқчи эмасмикин бу муллавачча?» деб иккиланди. Кейин Сабоҳиддинни Салимхўжа бошлаб келганини эслаб, фикрини яширмади. — Кейин эркин жумҳурият барпо этамиз. Шундагина юртимиз қад кўтаради.
— Сиз айтганча бўлса, қад кўтаролмайди, — деди Салимхўжа эътироз билдириб.
— Нима учун?
— Жумҳуриятни ким бошқаради?
— Биз каби зиёли аҳли билан катта сармоя эгалари. Айтайлик, Файзуллахўжа. Ахир бу ишга катта сармоя керак.
— Йўқ, Шоазиз афанди, амирни халқ маҳв этар экан, меҳнатни халқ қилар экан, демакки, халқ жумҳурияти барпо бўлиши керак. Файзуллахўжа ҳам шу фикрда.
— Халқ дедингизми? — Шоазиз истеҳзо билан жилмайди. — Эплай олмайди!
— Бекор гап! Сиз ҳозиргина тилга олган зоти табарруклар ҳам шу халқнинг фарзандлари эканини унутманг.
— Инчунин, биз ҳам, сармоя эгалари ҳам.
— Тўғри. Аммо сармоя эгалари меҳнат аҳлига қайишмайди.
— Сизнингча, халқ жумҳуриятини оддий одамлар бошқарадиларда? — деди Сабоҳиддин.
— Ҳа.
— Мен халқ деганда деҳқонни ҳам, ҳунармандни ҳам, ўғри-муттаҳамни ҳам тушунаман, — деди Шоазиз. — Одамлар орасида инсоф эгаси ҳам, худобезорлар ҳам бор. Жумҳурият тахтига инсофдан наридагилар ўтирса, у ҳолда юртнинг аҳволи не кечади?
— Бундайларга халқ йўл бермайди. Ахир у оқ-қорани ажратади, кимни сайлаётганини билади-ку?
— Салим афанди, сиз саробни орзу қиляпсиз, — деди Шоазиз.
— Сиз эса бир жоҳилни иккинчиси билан алмаштирмоқчисиз, холос.
— Фикри ожизимча, амир маҳв этилган тақдирда энг тўғри йўл ислом жумҳурияти барпо этмоқдир,— деди Сабоҳиддин. — Халқни фақат дин аҳлигина тўғри йўлга сола олади. Фақат исломгина бандаларни бадкорлик, инсофсизлик, бузуқликдан асраб қола олади.

Сабоҳиддиннинг бу фикри ўтга мой сепгандек бўлиб, Шоазиз билан Салимхўжа унга қарши бахсга берилдилар.
— Менга дедиларки, сиз, муҳтарам қори афандим, ўтган ойдамикин, Туркиядан қайтмиш экансиз. Ундаги аҳволотни биздан кўра сиз дуруст фаҳм этасиз. Бизим фикри ожизимизча, қачондир қудрат касб этган турк султонлиги алҳол таназзулда эмиш. Ахир бу дамларга қадар усмонли мамлакатни нечун дин аҳли таназзулдан асраб қололмади?
— Бу пичинг ўринсиз, тақсир, — деди Сабоҳиддин.— Усмонли турк султонлари, гарчи ўзларини «халифа» атасалар ҳам, динда беқарор, иймонда заиф эдилар.
— Қорижон, турк улуғларига нисбатан қаттиқ кетмадингизми? — деди Салимхўжа, баҳс оҳангини юмшатиш баҳонасида. — Туркияга сафар этмоғингиздан аввал фикрингиз ўзгача эди. Усмонлилар учун жон бермоққа тайёр эдингиз?
— Ҳақ рост, — Сабоҳиддин шундай деб, айбига иқрор одам каби бош эгиб, сукут сақлади. Даврадагилар ундан жавоб кутишса-да, шошилишмади, бошқа луқма ташлашмади. Сабоҳиддин жавоб қайтармоққа мажбурият сезиб, аста бош кўтарди-да, Салимхўжага қаради: — Тақсир, султон бошқа, халифа бошқа. Иккови бир вужудга жо бўлолмайди. Уларнинг инқирози сабабини шу ҳолатдан изламоқ жоиз. Мамлакатнинг хароблиги эса Анвар пошшо, Талъат пошшо, Жамол пошшо, яна аллақанча пошшо-пошшоларнинг ножўя саъй-ҳаракатлари туфайлидир.
— Шуни билганингиз ҳолда Чаноққалъада қўлингизга қурол олдингизми?
— Чаноққалъа ўзга бир масъаладир, тақсир. Унда уч юз мингдан ошиқ мўъмин шаҳид бўлди. Шаҳидларнинг руҳи ҳурмати бу воқеа хусусинда билмай туриб бир сўз айтманг. Унда Оллоҳнинг мўъжизаларига на-да биз, балким ғайридин ғанимлар ҳам имон келтирдилар. Ғолиблик шарафи бизларга насиб этди.

«Мўжиза» сўзини эшитиб, Салимхўжа Сабоҳиддинга бир қараб олди. Сабоҳиддин сафардан қайтган кезлари кўрганларини баён қила туриб, ўзининг ҳам, бошқаларнинг ҳам ақлини лол қолдирган бир мўъжизани айтган эди.

Чаноққалъа бўғозига эгалик қилиш ниятидаги инглиз ва фарангилар дунёнинг турли мамлакатларидан аскарлар жалб этганларида Сабоҳиддинга ўхшаган ёшлар унинг ҳимоясига отланган эдилар. Аслида Сабоҳиддин шаҳидлик мартабаси орзусида борганди. Аммо уни кофир ўқи олмади. Уч юз минг шаҳидга насиб этган бахт унга берилмади. У сўнгги жангда шаҳид қони ила тупроқни безамоғига ишонган эди. Улар тўрттагина қолган эдилар. Ортларида тик жарлик — тўрт терак бўйи пастликдаги қояларга денгиз мавжлари урилади. Бўғозга суқилиб кира олган кемадан тушган саноқсиз аскарлар уларни шу ерга қадар сиқиб келдилар. Сабоҳиддин биродарлари билан ўлимни кутмоққа шай турганида бир булут парчаси пайдо бўлди. Асрий арчалар билан бурканган Чаноққалъа1да булут парчаларининг сузиб юриши тасодифий ҳол ҳам, мўъжиза ҳам эмасди. Аммо мана шуниси мўъжиза кўрсатиб кетди: пала-партиш ўқ отиб, аста-аста силжиб келаётган ғанимлар устига булут бостириб келди-ю, ўқ овозлари тинди. Сўнг булут тезгина тарқалди. Аскарлар эса изсиз йўқолдилар. Бу ҳолатдан Сабоҳиддин ва унинг биродарлари қанчалик ажаблансалар, кемадан туриб кузатаётган инглизларнинг таажжублари уларникидан кам эмасди. Сабоҳиддин ва унинг биродарлари ҳам таажжуб, ҳам ҳадик билан, тинмай калима келтирганлари ҳолда, ҳозиргина аскарларга тўлиб турган майдонни босиб ўтдилар. Бир қуролми ёки бир кийим қолдиғиними учратишмагач, илоҳий мўъжизага иймон келтириб, ён чўққидаги биродарларига қўшилдилар. Ўша куни бошқа жанг бўлмади. Кемадан ғанимнинг яна юзга яқин аскари тушди, аммо жангга киришмади. Шериклари йўқолган майдонда бирон изга дуч келиш илинжида анчагача изғиб юрдилар. Кейин кемага қайтдилар...

Бу воқеа суҳбатга аралашмай ўтирган Табиб афанди қиёфасидаги Рҳақга ҳам маълум эди. Шу боис у ҳам, худди Сабоҳиддин сингари Салимхўжадан бирон луқма кутган эди, Бироқ, сўз Шоазиз томонидан айтилди:
— Қорижон афанди, шаҳидлик Оллоҳ йўлидаги жангда бўлгувчи эди, сизнинг иштирок этганингиз тарафкашлик уруши эмасми?

Сабоҳиддин унга бургутқараш қилди:
— Билмасангиз сўзламангиз, — деди у.
— Билиб сўзлайман мен, — деди Шоазиз қайсарлик билан. Туркия ила Олмония бир тараф, Инглистон, Фарангистон ила Русия яна бир тараф бўлиб урушганларидан Оллоҳ йўлида, Оллоҳ ризолигида не манфаат бор?

Сабоҳиддин булар билан Чаноққалъа мухорабаси ҳақида баҳс юритмоқни лозим топмади.
— Тақсир, агар Чаноққалъадаги ҳолатларни узоқдан бўлса-да, кузатганингизда ҳам камина сизга тушунтирмоққа уриниб кўрар эдим. Сиз билан каминанинг бу масъаладаги баҳси кўр ва гарангнинг айтишувига ўхшаб қолар. Яхшиси камина дастлабки сўраганингиз масъала хусусидаги фикримни очиқроқ баён этай. Сиз ундаги ёш турклар ҳаракатига ҳавас этиб, бунда «Ёш бухороликлар» жамоасини тузибсиз. Фикри ожизимча, жумҳурият тартиб этилмиш тақдирда уни шу жамоа бошқармоқ истайди. Ахир Туркияни сиз ҳавас қилганингиз ёш турклар жамоаси хароблик жарига келтириб қўйгани чин-ку? Бунда ҳам шу такрор бўлмасми экан?

Сабоҳиддиннинг бу гапларидан сўнг, давра аҳли шаршаранинг совуқ суви остига яланғоч тарзда тушиб қолгандай бир сесканиб олишди. Ҳозиргина айри фикрда турганлар энди якдил бўлдилар. Сабоҳиддин уларнинг фикру далилларини индамай эшитар, кейин Қуръондан оятлар келтириб, ўз фикрини маъқулларди, айтганидан чекинишни истамасди. Рҳақ баҳсга берилган ёшларга зеҳн солиб, фақат Салимхўжа билан Сабоҳиддингина ўз маслагига чинакам содиқ эканини билиб ўтирарди. Шоазиз бугун Туркий жумҳурият, деб талашаётган бўлса-да, эртага вазиятга қараб фикридан қайтиши, халқ жумҳуриятини ҳам, ҳатто ислом жумҳуриятини ҳам қўллаши мумкин эди. Рҳақ тангликларга хос, кейин бўладиган воқеаларни олдидан сезиш хислати билан дастлаб Салимхўжа тутган йўл ғолиб келишини биларди. Ҳали Сабоҳиддиннинг ўз маслаги йўлида кўп азоб чекиши ҳам унга маълум эди. Машаққатлар Сабоҳиддинни йўлидан қайтара оладими, йўқми? Рҳақ фақат шуни айтишга ожиз эди.

Аксига олиб, Сабоҳиддин кейинги баҳсларга келмади. Рҳақ муаммосига жавоб топиш учун уни мадрасага йўқлаб бориб, суҳбат қурадиган бўлди. Рҳақнинг Сабоҳиддин билан қизиқаётганини сезган Лукн ўзбошимчалик билан унинг миясига биоток узатгич ўрнатди. Рҳақ буни билиб ғоят ғазабланди. Бироқ, дардини ичига ютиб, индамади. Чунки Тангда Лукннинг зиммасига шундай вазифа юкланган, у бундай қилишга ҳақли эди.

Рҳақ мана шу гапларнинг ҳаммасини Фидга айтди. Фид уни диққат билан тинглади-ю, жўяли бир фикр билдирмади. Эртага Олий донишмандлар маркази Рҳақнинг ҳисоботини эшитажагини маълум қилиб, уни оромгоҳга бошлади.

Бегона

Рҳақ Тангга қайтар чоғида яқинлари билан кўришиш онларини, улар билан қандай муомала қилишини кўп ўйлаган эди. Шубҳасиз, ёру дўстларининг айримлари ҳаётдан кўз юмган, бошқаларининг эса ёши улғайган, ҳаётий тажрибалари ошган, дунёқарашлари ҳам қисман (балки буткул!) ўзгарган бўлади. Сирдош бегонага, ҳамфикр эса ғоявий мухолифга айланса ажаб эмас. Юртдан узоқларда юриш уни ҳам жисмоний, ҳам руҳий жиҳатдан ҳолдан тойдирди. Лекин коинотдаги вақт оқими Тангдаги сингари бўлмагани учун йилларнинг ўтгани, ёши улғайгани юзида акс этмади.

Тиббий кузатув муддати тугаб, ҳисоб бергач, у юртдошлари билан мулоқотда бўлди. Кутилмаган воқеалар, гап-сўзларни эшитиб ҳам қувониш, ҳам ғазабланиш, ҳам ҳайратланиш асносида нима учундир бегонасирай бошлади. Ўғли биринчи учрашувдаёқ, отасининг таассуротларини эшитиб, уни кераксиз ҳиссиётга берилишда айблашдан тоймади. Ҳеч нарсани билмаган ҳолда, сўраб-суриштирмай туриб, уни жамиятга зарар келтирувчи донишмандлар қаторида тилга олди. Ўз фарзандидан бундай айбномани эшитишни Рҳақ сира кутмаган эди. Ёшлар воқеага нисбатан ҳавойи баҳо беришар экан, хафа бўлиши керак эмас. Ахир ҳамма айб ўзларида — катта авлодда-ку?!

Хотини қарибди, юзларини ажин босибди. Айрилиқнинг ҳар йили чеҳрасига биттадан чизиқ тортган. Тез-тез хасталанади. Юраги безовта. Соғинч оташидан ажралиб чиққан ҳар бир хўрсиниш чўққа айланиб юракка доғ бўлиб тушган. Хуллас, кампирга айланаёзган хотинининг умри кипригига илиниб қолган эди.

Рҳақ уйига ҳам сиғмади. Суҳбатдош йўқ. Дардкаш йўқ. Хотини эса... У Ерда юрганида хотини, фарзандига талпинган эди. Етишди. Нимадан норози?! Нима учун ҳамма, ҳатто хотини ҳам бегонага ўхшайди?

Ўғли уйланибди. Аммо ҳалигача фарзанд кўрмабди. Рҳақ бундан таажжубланди.
— Мени невараларим ҳам кутиб олса керак деб ўйловдим, — деди у оила аъзолари жам бўлган маҳалда.
— Нима демоқчи бўлаётганингизга тушундим, — деди ўғли Рҳаққа ёқмайдиган бир оҳангда. — Сизни бефарзандлигимиз қизиқтирса керак?
— Ҳа, албатта. Турмуш қуришнинг маъноси...
— Сиз тез эскириш бобида фалсафанинг биринчи ўринда туражагини унутибсиз, чоғи. Турмуш қуришнинг ҳеч қандай маъноси қолмаган ҳозир. Табиий зарурат туфайлигина турмуш қурилади.
— Сен каби «донишмандлар» тўқиган фалсафа эскириши мумкин, аммо ҳаёт фалсафаси ундай эмас. Ҳаёт сўнмаслиги учун насл қолдирилади. Тушуняпсанми, ҳаёт давом этиши учун! — Рҳақ кейинги гапларни чертиб-чертиб гапирди. — Сенинг гапларинг — худбинлик фалсафаси!

Ўғил отасини энди кўраётгандай тикилиб қолди. Кўзлар учрашгач, мийиғида кулди.
— Худбинлар фалсафаси, дедингизми?! — У ўрнидан туриб дераза томон юрди. Зауранинг ўтли тиғини тўсувчи кўкиш пардани кўтарди. Хона ёришиб кетди. Деразани ҳам очди. — Бир қаранг, атроф қандай гўзал!— деди у пичинг аралаш. — Заура сахийлик билан нур сочади. Тўйиб-тўйиб нафас олиш қандай роҳат! Тупроқ унумдор — қуриган чўп тушса ҳам кўкаради!

Рҳақнинг хотини кўкрагини ушлаб йўтала бошлади. Ўғил дарҳол деразани ёпиб, пардани туширди. Онаси тинчлангач, гапини давом эттирди:
— Кўрдингизми? Яхши ҳамки, бахтимизга оддий парда билан сунъий ҳаво бор... Мен фарзандларимга шуларни раво кўришим керакми? Улар туғилиб қанча яшайдилар? Биз — ўзимиз қанча яшаймиз? Сунъий ҳаво, сунъий таомлар билан яна неча йил ҳаёт кечириш мумкин? Бевақт ўлим соя ташлаб турган бир пайтда бола топиш — жиноят. Буни биз — янги авлод тўғри тушуниб етдик
— Сиз, яъни «янги авлод», ниҳоятда тушкунликка берилибсиз. Курашмоқдан чекинишни афзал билибсиз. Биз юксалиш учун ишламоғимиз, ишлаш учун юксалмоғимиз керак! — Рҳақ ўзи суймайдиган шиорини айтиб юборгани учун ич-ичидан ғижинди. Бироқ, сир бой бермади.
— Курашмоқ... Қандай курашни назарда тутяпсиз?— деди ўғил асабийлашиб. — Курашдан фойда борми? Биз энг бахтиқаро авлодмиз. Бизга қоқсуяк сайёрани раво кўряпсизлар. Биз уни сақлаб қола оламизми-йўқми, билмайман. Қолдиришга арзирли меросимиз бўлмагани учун ҳам фарзанд кўришни истамаймиз. Сизнинг худбинлик ҳақидаги гапингизни қуруқ сафсатага йўйишга мажбурман. Афв этинг. Сиз узоқ вақт бу ҳаётдан ажралиб яшадингиз. Кўп нарсалар ўзгарди. Шуларни ҳисобга олинг, беҳуда баҳслашишни бас қилинг. Ўғил сифатида огоҳлантириб қўйишим лозим эди. Буни бажардим.

Дарҳақиқат, кўп нарсалар ўзгарган, ҳатто ота-ўғил ўртасидаги муомала ҳам бошқача. Рҳақ бу хил муносабатга кўника олмас эди.

Замбаракни тепаликка судраб чиқиш мумкин. Аммо у бехос қўйиб юборилса, ҳеч тўхтатиб бўлмайди: йўлида учраган нарсани босиб-янчиб кетаверади. Танг тараққиёти худди шу замбаракка ўхшайди. Яқиндагина барча илм аҳли замбаракни юқорига чиқариш билан банд эди. Барча уни шунчаки бир тепаликка эмас, балки олий чўққига кўтаришга ва шу ерда ўқ узиб, табиат устидан қозонилган ғалабани тезроқ нишонлашга ошиқди. Ўқ узилди. Улар замбаракнинг ўқ узганида силкиниши, сўнг пастга қараб шўнғиб кетиши мумкинлигини билардилар. Аммо замбарак ғилдиракларини маҳкам тутиб турувчи сим арқонларга ишонгандилар. Афсуски, сим арқон чириган эди. Энди замбарак энг муқаддас фазилатларни, фақат онгли мавжудотга хос меҳр-муҳаббат, оқибат каби ҳис-туйғуларни босиб, янчиб борарди.

Рҳақдаги руҳий ўзгаришни сезган тиббиётчилар уни дарҳол ором олиш учун денгиз соҳилига юбордилар. Рҳақ эътироз билдирмади. Ердаги денгиз мавжларини соғинган эди. «Кўнглим сал-пал таскин топар», дея умид қилди.

Денгиз соҳилидаги бу шаҳар кўриниши ҳам бошқалари каби совуқ, жонсиз. Ойнабанд бинолар жунжикиб тургандай, шовқиндан эса замин титраётгандай туюлади. Соҳил одатдагидай гавжум эмас. Денгиз тўлқинлари аввал қандай бўлса, ҳозир ҳам шундай қирғоққа бош қўяди, катта-кичик харсангларга тўш уради. Аммо унинг шовуллаши Ердаги каби ёқимли эмас. Шиддати сезилмайди. Гўё заъфарон сув ўлаётгандай.

«Ўлаётгандай? Аллақачон ўлиб бўлган... — деб ўйлади Рҳақ денгизга ҳорғин тикилиб. — Бу сувда нима қолди? Қони сўриб олинди. Сув эмас, кераксиз суюқликка айланди...»

Шаҳар соҳилга қараб бостириб келган. Қирғоқдаги баҳайбат иншоотлар сувнинг қонини сўриб олувчи канага ўхшайди. Беҳад катта қувурлар аждаҳо сингари сувни ҳўплаб шу иншоотларга юборади. Ўнлаб филтр, магнит майдонлари, электр зарядлари сув таркибидаги темир, туз, тиллани ажратиб олади-да, бошқа қувурлар орқали жонсиз суюқликни денгизга қайтариб тўкади.

Рҳақ соҳилда узоқ туриб қолди. Қарашлари вазмин. Толиққан кўзларини бир оз юмиб, Ердаги денгизлар, дарёларни эсламоқчи бўлди. Осойишта, салобат билан оқувчи дарёлар, қўш кокил бўлиб ажрашган, сўнг яна бирлашган ирмоқлар орасида дарахтларга кўмилиб турган оролчалар, қоялар бағридан шиддат билан отилаётган шаршаралар унинг кўз олдига келди. Қўёш нурида товланаётган зумрад томчилар худди юзига урилгандай сесканди. Кўзларини очди: мадорсиз денгиз қалтираб турибди. Шу топда Рҳақнинг оёқлари қувватдан қолгандай бўлди. Назарида бир қадам босишга ҳам қурби етмайди. Томоғи қақраган. Юрак сиқади. Кўнгли ана шу жонсиз денгизнинг қаттиқ тўлғанишини, осмонга сапчишини, сўнг руҳсиз шаҳарлар устига ёпирилишини истади. Нимадир бўлиши керак, нимадир... Бир меъёрда давом этувчи силлиқ ҳаётга кўниколмаяпти. Кўниколмаяпти? Ер табиати, ерликлар унинг руҳини буткул ўзгартириб юборганми? Наҳотки, Ердан олган таассуротлари онгини заҳарлаб, ўз юртига нисбатан бу қадар норозилик уйғотса? Йўқ, йўқ, у Тангдан буткул норози эмас. Фақат ерликларнинг айрим туйғуларини юртдошларига «юқиши»ни хоҳлайди. Денгиздан «сўриб олинган» темир, туз, тилла...келгусида қайта эритилиб, қайта миллиграммларга айлантирилиб, сув таркибига қайта сингдирилгани каби, тангликлар унутиб юборган туйғулар юз очса...

Ҳеч бўлмаса муҳаббат уйғонса эди. Йигит қизни суйиб-суйиб эркаласа, қиз йигитга суйиб-суйиб бўса берса... Мана шу соҳилда ширин-ширин орзуларга эрк бериб, тонгларни қаршиласа... Суйиб-суйиб турмуш қуришса, суюмли-суюмли фарзандлар кўришса...

Рҳақ хўрсинди. Ажин боса бошлаган кенг пешонасини силади. «Бу қийин масала, — деб ўйлади у. — Муҳаббат уйғонса, нафрат ҳам пайдо бўлади. Кейин рашк бош кўтаради. Яхшиликка қўшилиб ёмонлик, меҳрга қўшилиб ғазаб, садоқатга қўшилиб хоинлик... кириб келади. Ердаги зиддиятларнинг ҳаммаси Тангда ҳам ҳукмрон бўлиб олсачи? Барча шу зиддиятлар орасида ўралашиб қолсачи? Чин муҳаббати қайси, сохтаси қайсилигини билмай гарангсиб юришсачи? Тараққиёт нима бўлади? Йўқ, бизга нафратдан холи муҳаббат, хоинликдан йироқ садоқат, ғазабсиз меҳр, рашк ўрнига ишонч... керак. Фақат ёруғ туйғулар зарур! Бора-бора Ерда ҳам шундай бўлади...»

Рҳақ соҳил бўйлаб бир-икки қадам босди. Оёқлари оғирлашиб қолгандай, боши айлангандай бўлиб тўхтади. Ерга тушиб биринчи қадам қўйганда ҳам худди шу ҳол юз берган эди. Ерга тараққиёти беҳад юқори бўлган сайёранинг вакили сифатида, ғолиб сифатида қадам қўйган эди. Изига ҳиссиз сайёранинг руҳи шикастланган вакил ҳолида, маънавий мағлуб ҳолида қайтди.

Тангда муҳаббат уйғонса эди... Ерда юрганида кўнглида туғилган бу илинжи унинг тинчини олгани учун «Муҳаббат ҳиссини қандай уйғотиш мумкин?», «Тангликлар севишга, севилишга қодирми?» деган жумбоққа ўзича жавоб излар эди. Кейинги кунлар ичи: «Хўш, ўзинг сева оласанми?», «Муҳаббат нималигини биласанми?», «Ерликлар каби муҳаббат йўлида ўзингни қурбон қила оласанми?»... деган саволлар гирдобида қолган эди. У хотини билан ўтган дамларни, ўғлининг гўдак чоғларини қайта-қайта эслар, ораларидаги муносабатларда меҳр бўлган-бўлмаганини аниқлашга тиришарди. Муҳаббат уйғонган тақдирда муносабатларнинг қандай ўзгаришини чамаларди. Ҳар қанча ўйламасин, жумбоқларга ҳар қанча жавоб изламасин пуч хаёллардан нарига ўта олмас эди.

«Ерликларнинг туйғулари бўлакча эди!..»

Рҳақ ўз ақидасига тобора муте бўлиб борарди. У она сайёрасида эмас, балки Ер билан Танг орасидаги чети-чегараси йўқ қоронғи бўшлиқда муаллақ яшарди. У дам ўзи туғилган сайёрасига талпинарди, дам покиза туйғулари туғилган Ерга интиларди. Аросатда юриш унинг қалбини тобора емирарди.

У ёлғиз эди. Шунда улкан сайёрада якка-ёлғиз... Ёлғизлик ҳалокат билан тугайди. Унинг қисмати ҳам шуми? Тақдирига нима ёзиғлиқ? Ақлдан озишми? Тангга учиб келар чоғидаги хаёлий баҳсларида Фид: «Ўзингни ўзинг ўлдир», деб ундаган эди...

Йўқ! Шундай фикр ўрмалаши билан Рҳақ сапчиб тушарди. Бадбин ўйлардан қутулиш учун хаёлан Ерга қайтарди. Энг биринчи бўлиб... Назира билан учрашарди. Ҳар бир «учрашувдан» кейин: «Нима учун Назирани бу қадар кўп эслаяпман?» деб ҳайрон бўларди. У ҳали бу эслашлар бежиз эмаслигидан, юрагида Назирага нисбатан муҳаббат борлигидан бехабар эди. «Тангда муҳаббат уйғонсин» дегани, ерликлар севгисига ихлос қўйгани билан, ўзи муҳаббат туйғуси қандай бўлишини ҳали билмас эди. Бўлакча таъбир билан айтилса, муҳаббат нималигини ақлан биларди, аммо бу дардни ҳали танасида синаб кўрмаган эди. Мана, бугун ҳам ёлғизлик комидан қутулиш учун Ерга «қайтганда» Назирани кўрди...
— Бугун чеҳрангизда ғам борга ўхшайди?
— Дадам айтгандирлар?
— Айтдилар. Куёв қуллуқ бўлсин?
— ...
— Хўрсиняпсизми?.. Пичирлаб ғазаллар ўқир эдингиз? Эсингиздами: Паришон ҳолинг ўлдим, сўрмадинг ҳоли паришоним,
Ғамингдан дарда душдим, қилмадинг тадбири дармоним,
Не дерсан, рўзгорим бўйлами кечсун, гўзал жоним,
Кўзим, жоним, афандим, севгилим, давлатли султоним!
— Эсимда... ҳазрат Фузулийдан... Мен... ғазалларга ишонар эдим. Мен... йўқ, айтолмайман. Табиб афанди, айтолмайман, айбситманг.
— Чеҳрангизга паришонлик ярашмас экан. Ғам чексангиз ўзингизни дардга олдириб қўясиз.
— Дардга?.. Дардга бўйин бериб бўлганман.
— Дардга чалинган экансиз, энди шифо лозим.
— Муолажангиз дадамни бизга қайтариб берди. Умидимизни узиб қўйган эдик... Умрингиз узоқ бўлсин. Табиб афанди... Лекин... Лекин... Сиз дардимга шифо топа олмайсиз. Умидимнинг ришталарини кесиб қўйишди. Мен... тунлари юлдузларга тикилиб ётаман. Қанот чиқариб учгим келади. Ўша юлдузларнинг биронтаси Еримизга ўхшаса дейман. Севишганларнинг қанотлари қайрилмаса, дейман... Табиб афанди, сиз дунё кезгансиз, донишмандсиз, айтинг, Худо не учун бизга севиш бахтини раво кўриб, сўнг айиради?
— Саволингизга энг улуғ донишмандлар ҳам жавоб бера олишмаган.
— Ғазаллардаги фарёдларга энди фаҳмим етяпти.

«Бечораман, бедавоман, қанотларим қайрилган, умидим ришталари кесиб қўйилган...»

Рҳақ — Табиб афанди Назиранинг отасидан хабар олгани кириб, янгиликни эшитган, шундан сўнг қизнинг нима сабабдан паришон бўлиб қолганини англаган эди. Ўша куни қиз унга рўйхуш бермади, гаплашмади. Умуман, Рҳақ Назира билан кам суҳбатлашган. Қиз ўзини ундан олиб қочарди. Рҳақ Назиранинг фикрларини ўқигани учун ҳам қизнинг бир йигитга кўнгил қўйганини биларди. Билгани сабабли қизни ҳадеб кузатишдан ўзини тиярди.

Ҳозир денгиз соҳилида, ёлғизликдан қутулиш учун Ерни эслаган чоғида, Назира билан хаёлан суҳбатлашди. Назарида қиз ўшанда унга — Табиб афандига арзини айтганда худди шу зайлда сўзлаган бўларди. Балки бир байт ҳам ўқирди. Балки мана бу байтни: Най киби, ҳар дамки, базми васлингни ёд айларам,
То нафас вордур қуруқ жисмимда, фарёд айларам...
Кейин суйган йигитининг дунёда ягона эканини, ўш суюклиси қадар баъмани, хушхулқ, хушахлоқ одам бу олам аро йўқлигини айтарди. «Кўнгил қўйганим борлигини дадамга маълум қилинг, мени ундан айирмасинлар», дерди... Бироқ Назира унга арзи ҳол қилмади. Дардини ичига ютди. Ерлик донишмандлар: «Ёруғ оламда муҳаббатдан кучлироқ нарса йўқ», дердилар. Рҳақ Назиранинг изтиробини кўриб, бу фикрнинг янглиш эканини англади... «Муҳаббатдан ҳам қизлик иффати қудратлироқ экан», деган тўхтамга келди.

«Менинг кўнгил қўйганим бор...» Биргина шу гапни айтиш Назиранинг тақдирини ҳал қиларди. У айтмади, айтолмади. Рҳақ буни жаҳолат деб билиб, қизни айблашни ҳам, бардошига тан бериб, унга ихлос қўйишни ҳам билмай гарангсиб юрди. Орадан анча вақт ўтгандан кейин ҳам тугал бир тўхтамга келолмади.

Назира қанот чиқариб, юлдузларга учмоқчи эди. Юлдузлардан бири шу Танг. Қиз бечора бу ерга келиб нимани кўрарди? Қанот чиқарганига минг пушаймон бўлмасмиди?..

Рҳақ чуқур уф тортди-да, қўлни орқасига қилганича аста юра бошлади. Бир қулочли харсанг пойида сочилиб ётган балиқ суякларини кўриб энгашди. Кейин мавжланиб турган денгизга қаради. «Ҳали ҳам балиқ бор экан-да? Биз сунъий ҳавога кўникдик. Таркибида ҳеч вақо бўлмаган суюқликда балиқ қандай яшаркин?! Темир, туз, олтин... Жуда қимматга тушяпти бу ашёлар. Ўғлим ҳақ... Биз уларга яланғоч сайёрани қолдиряпмиз. Ҳатто сувнинг ҳам қонини сўриб олдик...»

Денгиз азоб билан тўлғанади. Ожиз тўлқинлар Рҳақни лаънатлагандай бўлади. Денгизнинг алами бор. Қанча лаънатласа шунча оз... У денгиздан кўз узиб, соҳилдан узоқлашди.

Рҳақ Танг марказига қайтганида оқшом чўккан, аммо кундузги жазираманинг нафаси сўнмаган эди. Сайёранинг умуртқасини қирсиллатиб юборгудай бўлиб турган баҳайбат бинолар қизиган тандирдек қайноқ сел уфуради. Қарийб бир-бирига ёпиштириб қурилган баланд иморатлар орасидан шамол ўтмайди. Бинолар дудли булутларга санчилиб тургандай. Рҳақ талаба эканида қайси бир меъмор: «Шаҳарни ҳам энига, ҳам узунасига тўғри чизиқ бўйлаб кесиб ўтувчи икки кўча бўлиши зарур. Шунда елвизак туриб, ҳаво алмашиниши яхшиланади», деган таклифни ўртага ташлаган эди. Бу гап барчага маъқул келиб, таклифни амалга ошириш чоралари белгиланган, бироқ гап гаплигича қолиб кетаверган эди. Ҳозир кўпчилик ўша таклифни эсламайди ҳам.

Рҳақ уйига қайтганда оила аъзолари овқатланаётган эди. У хотинидан ҳол-аҳвол сўрагач, ювиниб келди-да, тўрга ўтирди. Ўғлига бир қарашда унинг руҳи тушкунлигини сезди.
— Нимага овқат ейишларингнинг мазаси йўқ. Уришиб қолмадингларми, ишқилиб? — деди у ўғлига, нохушликни кўтариш учун.
— Уришиш учун сабаб бўлиши керак, — деди ўғил совуққина. — Бизда кўпдан бери бундай сабаб йўқ.
— Шундай бўлгани маъқул.
— Нохушлигимизни тўғри пайқабсиз. Бугун Мек ўлди.
— Мек? Ким у?
— Эслашга уринманг. Сиз уни танимайсиз. У марҳум дўстимнинг ўғли эди.
— Нимага ўлибди? Касал эканми?
— Овқатингизни енг, кейин айтиб бераман.

Рҳақ, иштаҳаси бўлмаса ҳам ўзини мажбур қилиб овқатланди. Оғзини сочиқ билан артиб ўғлига: «Мен тайёрман, гапингни бошлайвер», дегандай қаради. Хотини билан келини ўрнидан туриб дастурхонни йиғиштиришди-да, қўшни хонага чиқиб кетишди.
— Мен Мекнинг отасини яхши билардим, — деб гап бошлади ўғил. — Биз бирга ишлардик. У эҳтиётсизлик қилиб оққон касалига учради. Айб ўзида: кирма деган жойга кирибди. Касални яшириб юрди. Уйланди. Кейин хотини ҳомиладор бўлди. Қувноқ эди... Туппа-тузук ишлаб юриб, бир куни...ўзини ўзи ўлдирди. Мурдани текшириб, касалини аниқлашди. Ўлим ҳақ эканини билиб...
— Ожизлик!
— Йўқ, ожизлик эмас. У бари бир ўларди. Боласини кўриб ўлишни истамаган.
— Ана шунинг ўзи...
— Илтимос, баҳслашмайлик. Бари бир фикрларимиз бир ердан чиқмайди. Одатда, ҳақиқатни юзага чиқариш учун баҳслашадилар. Мен бундай ҳақиқатни кўрмаяпман. Гапимнинг давомини эшитинг: хуллас, бола туғилди. Мен тез-тез Мекни йўқлаб борардим. Жуда нозик, касалманд бола бўлди. Аммо зийрак, ақлли эди. Ўқиш-ёзишни эрта ўрганди. Бир куни борсам, ётибди. Мени кўриб йиғлаб юборди.
— Нимага хафасан? — деб сўрадим.
— Касал бўлганлар ўлар экан, мен кўп касал бўламан-ку, нима учун ўлмайман, — дейди.

«Касалларнинг ҳаммаси ҳам ўлавермайди. Сеники тузаладиган касал», деб юпатишга ҳаракат қилдим. Овуниши қийин бўлди. «Менам ўлишни истайман. Ўлсам ҳамма йиғлайди, менга ачинади. Мени гапиради», дейди. Орзусини қаранг... Ниятига етди. Бугун жони узилди. Аммо ўлими учун ҳеч кимнинг қайғурмаслигини билмай кетди...
— Сен-чи? Сен қайғуряпсан-ку?
— Қайғуришим керак эди. Аммо муҳит бунга йўл бермайди. Мен ҳар бир ҳужайраларим билан ишни, фақат ишни ўйлашим керак. Ўлганлар ўлаверади. Мурдаларни эса дафн гуруҳи кўмаверади. Ҳатто... вақти келиб онам... Ахир, сиз ҳам онангизни дафн этишда бўлмагансиз-ку?!
— Гапни чалғитма. Бир гўдак учун масалани чувалаштириш шарт эмас.
— Мек ўлди. Уни сизнинг тараққиётингиз ўлдирди!
— Тараққиётни биз бошламаганмиз. Тўхтатиш ҳам қўлимиздан келмайди. Ҳадеб таъна қилаверма. Қўлингдан келса, ана тараққиётга қарши курашиб кўр.
— Қўлингдан келса?.. Ҳм. Келмайди!.. Бир марта курашмоқчи эдик. Эсингиздами? Энди... Ўлимимни кутиб ўтиришдан ўзга ҳеч нима қўлимдан келмайди.

Рҳақ ҳозир ўғли билан гаплашиш бефойдалигини билиб қўзғалди. Хотини ётган хонага кирди.

Хотини пинакка кетган экан, шарпа чиқармай изига қайтди. Ўғли қаёққадир ғойиб бўлибди. Рҳақ нима қиларини билмай хона бўйлаб у ёқдан-бу ёққа юра бошлади.

Ўғлининг гапларида жон бор. Рҳақ ўзи истамаган ҳолда унга танбеҳ берди. Аслида Рҳақнинг ўзи ҳам шундай фикрларди. У жон-дилидан ўғлини қувватлагиси келарди, лекин оқибат деган тушунча фарзандини тергашга мажбур этарди. Рҳақ ўғлидаги яхши ҳисларнинг уйғоқ эканидан хурсанд ҳолда, унинг келажагини ўйлаб қайғурарди. Тангнинг маънавий юксалишида у бирон-бир ўзгариш кўргани йўқ, шу сабабли беҳад ташвишланарди.

Эртага ҳалиги гўдак дафн этилади. Аммо бу бола учун ҳеч ким нола чекмайди. Жонзотнинг қадри шунча... Ерда эса бутунлай бошқа эди. Одамлар ҳатто марҳумнинг изидан қабрга киришга ҳам рози бўладилар. Балки, бу ортиқча ҳиссиётдир. Аммо, бари бир куйиниш яхши... Рҳақ юмшоқ, пастак курсига ястаниб ўтириб, ерликларни эслади. Хаёлига куюнчак, айни чоқда, кескин, тўғри йўлни фаҳмлай олмасдан қийналаётган Сабоҳиддин келди.

Чорраҳада Қолган Мулла Йигит

Рҳақ Лукнни амир зиндонидан олиб чиққач, Сабоҳиддинни шаҳар дарвозаси ёнида сўнгги марта кўрди. Сабоҳиддин юртига — оташда қовурилаётган Фарғона водийсига қараб кетганди. Ҳозир тақдири нима бўлди экан? Балки Лукн ўрнатган биоток узатгичлар ишлаб тургандир, маълумот келаётгандир. Аммо буни Рҳаққа билдиришармикан?

Сабоҳиддин ўша баҳсдан кейин Шоазизнинг хонадонига қадам босмай қўйган эди. Мезон уча бошлаган паллада унинг қўққисдан кириб келганини кўриб, Рҳақ— Табиб афанди таажжубланди. Ўшанда Сабоҳиддин мадрасада бўлиб ўтган гапни айтиб берди. Ҳаммаси тунов кунги хуфтон намозидан сўнг бошланибди:

Намоз тугагач, муллаваччалар имомнинг ҳаракатидаги хотиржамликни кўриб, ваъз айтиш нияти борлигини фаҳмладилар. Бундай пайтда деярли ваъз айтилмас, шу боис муллаваччалар бир оз ажабланган ҳолда бу хуфтон имоматга ўтган мударриснинг сўз бошлашини кутдилар.
— Маълумингизким, Худованди каримнинг назари тушган жаннатсифат Фарғона вилоятида ғайридинлар этагини тутган муртадлар ислом лашкарларига озор етказмоқ қасдига тушганлар. Калимаи шаҳодатга ҳам тили келмай қолган бу осий бандалар, иншооллоҳ, Тангрининг қаҳрига учрагайлар. Жаннатдан шайтон алайҳилаънани қувиб чиқарган, тўлиқ ҳикмат ва қудрати ила Одам Ато ва Момо Ҳаввони яратган Ҳақ таолонинг раҳм-шафқати беқиёс улуғдир. Қуръони шарифнинг Худ сурасида Тангрининг марҳамати шундай тавсиф этилади, — мударрис Қуръонни варақлади.

Аммо унга қарамай сўзини давом эттирди:
— Нуҳ алайҳиссалом Оллоҳнинг истаги билан ўз қавмларига юборилдилар. Ва дедиларки: «Албатта мен сизлар фақат Оллоҳгагина ибодат қилишингиз учун келган холис огоҳлантирувчиман. Оллоҳдан ўзгага ибодат қилмангларким, сизларга аламли кун азоби бўлишидан қўрқадирман». Нуҳ алайҳиссаломнинг асосий вазифалари огоҳлантириш эди. Пайғамбарликларининг мазмуни, ғояси эса шунга монанд — Оллоҳдан ўзгага ибодат қилмасликка чорламоқ эди. У зот вазифаларини адо этдилар. Бироқ, қалблари муҳрланган, ҳидоятдан бегона, куфрдаги зодагонлар «Сен ҳам ўзимизга ўхшаган одамсан, сенга эси пастлар, ялангоёқлар эргашяпти халос», деб туҳмат қилдилар. Нуҳ алайҳиссалом дедиларки: «Эй қавмим, мен сизларнинг тақдирларингизни ўйлаб куюняпман. Мен сизларнинг иймонли бўлиб, саодатга эришишингизни истайман халос. Мен бу пайғамбарлик хизматим учун сизлардан мол-дунё сўрамайман. Менга бойликнинг зарурати йўқ-дир. Менинг ажрим фақат Оллоҳнинг зиммасидадир. Ажр-мукофотни Оллоҳ беради, сиз бермайсиз, хавотирланманг. Сиз «Сенга эси пастлар, ялангоёқлар эргашяпти», деяпсизми? Билингким, мен иймон келтирганларни сизларга ёқиш мақсадида ёки сизларни рози қилиш учун ҳузуримдан қувмасман. Мен учун бой-камбағал тенгдир. Мезон — бойлик эмас, муҳими— иймон келтирмоқликдир. Ҳамма гап иймонда! Яна билингким, улар мен учун иймон келтирган эмаслар. Уларнинг иймон келтиришлари Оллоҳга боғлиқдир. Улар роббиларига рўбарў келганларида шарманда бўлмайлик, деб иймон келтирдилар». Нуҳ алайҳиссалом яна қавмларига дедиларким: «Мен сизларга «Ҳузуримда Оллоҳнинг хазиналари бор», демайман. Шу боис сизларга бойлик беролмайман. Ғайбни ҳам билмайман, «Мен фариштаман» ҳам демайман». Афсусларким, иймонсизлар қалблари сўқир бўлгани сабабли ҳидоят йўлини кўра олмадилар. Ва Оллоҳ ўз пайғамбарига дедиким: «Уларнинг қилмишларидан қайғуга тушмагин». Ва ваҳий қилиндиким: «Қавмингдан ҳозиргача иймон келтирганларидан бошқа ҳеч ким энди иймон келтирмас. Энди Бизнинг ҳимоямиз ва ваҳийимиз билан кема ясагин ҳамда зулм қилганлар ҳақида Менга «Уларни ҳам асрагин», деб хитоб этма. Улар, албатта ғарқ бўлгувчилардир». Вақтики етиб, Оллоҳнинг амри ила таннур фаввора отганда, яъниким, Оллоҳнинг азоби— тўфон келганида буюрилдиким: «Ҳар, бир жонивордан бир жуфтдан ол, оила аъзоларингни олгину аҳлингдан кимларнинг ғарқ бўлиши ҳақида Биздан сўз кечган бўлса, улар мустаснодирлар. Кемага фақат иймон келтирганларни ол».

Нуҳ алайҳиссалом амрга итоат этдилар ва дедиларким: «Кемага мининглар, унинг сузиши ҳам, тўхташи ҳам Оллоҳнинг исми ила бўлур. Албатта Роббим кечиримли ва раҳмлидир.» Тўфон даҳшатли тус олганида кема тоғлардек катталикда мавж ураётган тўлқинлар оша сузаётганида Нуҳ алайҳиссалом четда турган ўғилларини кўрдилар ва дедиларким: «Эй ўғлим, биз билан бирга мингин, кофирлар билан бирга бўлмагин.» Киши кофир бўлса қийин, у ўзи кўникиб қолган тор доирада фикр юритади. Нодон ўғил тўфон даҳшатини кўра туриб ҳам иймонга келмади, «Тоққа чиқиб паноҳ топаман», деди ва ғарқ қилинганлардан бўлди, — имом оятларни ўқимай, ўз тилида шу тарзда баён қилиб бўлгач, мушафни ёпди. Бир оз муддат жим қолди. Сўнг яна сўзини давом эттирди: — Фарғона вилоятидаги ғалаёнлар шу тарихни эслатмайдими? Токи иймонсизлар ҳақ йўлига қайтмас эканлар, Худованди каримнинг қиёмат юбориши аниқ. Сиз билан бизнинг бурчимиз, наинки Оллоҳ-таолодан бандаларнинг гуноҳини сўраб, ибодат қилмоқлик, балки гуноҳкор бандаларни иймонга қайтариш ҳамдур. Тангрининг марҳамати бисёрдир ва ҳақ йўлга қайтган бандаларнинг гуноҳи афв этилғусидир...

Ваъз тугади. Гарчи имом аниқ мақсадни айтмаган бўлса-да, муллаваччалар бу ибратга фақат амал қилмай, ҳар жойда тарғиб этиш лозим эканлигини англаб етдилар.

Мударрис йиғилганларга кетиш учун изн бериб: «Мулла Сабоҳиддин, сиз пича туриб ҳужрамга киринг, маъқулми?» деди. Сабоҳиддин: «Хўп бўлади, тақсир», деб таъзим қилди.

Ҳужрада Сабоҳиддин танимайдиган яна икки киши бор эди. Сабоҳиддин катта салла ўраб, заррин тўн кийган бу зотларга салом бериб, остонада таъзим билан туриб қолди.
— Берироқ келинг, ўғлим, тортинманг, — деди ҳужра эгаси. Сўнг меҳмонларга қаради. — Фарғона музофотига бормоқликни ихтиёр этган мулла Сабоҳиддин деганимиз шу йигит.
— Баракалло, — деди тўладан келган меҳмон. — Ҳазратим сизнинг иқтидорингиз ва эътиқодингиз хусусида кўп мақтов гаплар айтдилар. Инша Оллоҳ, сизнинг бу эътиқодингиз охиратда инобатга олинур.
— Инша Оллоҳ.
— Ўғлим, ярангиз азоб бермай қўйдими? — деб сўради ҳужра эгаси, аммо саволга жавоб кутмай, меҳмонларга қараб сўзлади: — Фалокатни қарангки, мулла Сабоҳиддин кўчада кетар чоғларида бошларига ғойибдан қиррали бир тош келиб тушибди. Хотирим чалғитмаса, бирон ўн кун шунинг азобини тортдилар. Худонинг раҳми келиб, мулла Сабоҳиддинга инсоф эгаси йўлиқибди. Ярани боғлаб мадрасамизга узатиб қўйибди.

Бу гапни эшитиб, Сабоҳиддин хавотирланди. Чунки «инсоф эгаси»нинг минорага тик чиқиб тушганини у ўз кўзи билан кўрган эди. Иблис қўлидан шифо топганини бу олий зотлар билишсами.... Йўқ, хайрият, суҳбат мавзуига қараганда, улар бундан огоҳ эмас кўринадилар. Ҳатто «иблис» ҳақида сўз юритилганда ҳам Сабоҳиддиннинг ярасига шама қилмадилар. Сабоҳиддин енгил тин олди. Бироқ, кутилмаганда бошқа зарбага дучор бўлди. Меҳмонлардан бири чойни ичиб, пиёлани тўнтариб қўйгач, унга мурожаат қилди:
— Мулла Сабоҳиддин, бизни бир нарса таажжубга солди: Марғилон атрофидаги имонсизлар орасида Жамолиддин деган аскарбоши бор эмиш. Ўша сизнинг акангиз эмасми?

Савол кутилмаган бўлса-да, Сабоҳиддин гангимади. Хиёл бош эгиб, сўзловчига лутф билан жавоб берди:
— Тақсир, Оллоҳнинг бандалари орасида аскарбошилар ҳам, Жамолиддин исмли одамлар ҳам кўп. Мен яқин орада уйдан хабар ололмадим. Акамнинг тақдирлари мен учун қоронғу.
— Сизни Новқатдан деб айтдилар. Падари бузургворингизнинг исмлари Жалоллиддин экан, шундайми?
— Ҳақ гап, тақсир.
— У ҳолда биз янглишмабмиз. Ўша имонсиз — сизнинг акангиз!

Гапга мударрис аралашди.
— Тақсир, ҳар ким ўз гуноҳи учун Тангри олдида ўзи жавоб беради. Акаларининг айблари деб мулла Сабоҳиддинни хижолатга қўйиш инсофдан бўлмас. Мулла Сабоҳиддиннинг гаплари чин: Чаноққалъа муҳорабасидан яқинда қайтдилар. Бу орада аҳли байтдан дарак келмади.
— Мулла Сабоҳиддин акаларининг гуноҳлари учун мутлақо изза чекмасинлар. Биз фақат фаразимизнинг ҳақ ё ноҳақлигини билмоқ истагида эдик. Беш бармоқ баробар эмас. Бир пуштикамардан турли фарзандлар бунёд бўлади. Мана, мулла Сабоҳиддин мўмин-қобил йигит эканлар. Биров, шу йигитнинг акаси Оқ пошшо замонида одам ўлдириб, Сибир қилинган деса ишониб бўлмайди.
— Ё алҳазар! — Мударрис ёқа ушлади. — Мен бундан бехабар эканман. Шу ростми, ўғлим?!
— Йўқ.
— Инкор этяпсизми?
— Ҳа, тақсир. Акам қон тўккан эмаслар.

Устоз-шогирднинг сўзлашувига диққат билан қулоқ тутиб ўтирган меҳмонлардан яна бири истеҳзо билан жилмайди.
— У ҳолда Маъмур бойваччага ким пичоқ урган экан, ё сизми? — деди у.
— Тақсир, сиз мулла Сабоҳиддин билан фақат танишмоқ ниятида эдингиз?
— Ҳа, ҳа. Мулла Сабоҳиддин айтганингиздай, қобил йигит эканлар. Бизнинг бошқа сўзимиз йўқ. Шаръий ниятларига етмоқликларини Оллоҳдан сўраб, дуо қиламиз.
— Ўғлим, сиз бораверинг. Эртага бомдоддан сўнг ҳузуримга яна бир кирасиз.

Сабоҳиддин таъзим билан чиқди. У кутилмаган танишувнинг боисини англай олмади. «Ажаб, мақсадлари фақат мен билан танишишми ё акам ҳақидаги фаразларини ойдинлаштиришми? Истаклари нима? «Маъмур бойваччага ким пичоқ урган экан, ё сизми?» Нимага бундай деб сўради? Наҳот, Маъмур бойвачча воқеаси улар учун ойдин бўлса? Қаердан билишсин? Ким айтиши мумкин? Отамми? Йўқ. Султонмурод аками? Йўқ... Ахир қуръонни ўпиб туриб қасам ичган-ку? Ё сургун азоблари суяк-суягидан ўтиб кетган акам сирни очдими? Наҳот? Бўлмаса ким? Ҳақиқат шу уч кишидан бошқа ҳеч кимга аён эмас. Ҳатто Маъмур бойваччанинг ўзи ҳам асл қотили ким эканини билмай дунёдан кўз юмди. Орадан шунча йил ўтди. Дунё алғов-далғов бўлиб кетди. Шунақа пайтда Маъмур бойваччанинг ўлдирилиш воқеаси уларга нима учун керак бўлиб қолди? Ё: «Босган ҳар бир изингиздан бохабармиз», дейишмоқчими? Ҳар ҳолда, бир сир бор. Бу сир бомдоддан сўнг очилса ажаб эмас».

Сабоҳиддин шу хаёллар ичида қолди. Ҳужрасига гўё Маъмур бойвачча кириб олгандай, кўзига уйқу илиниши билан босинқираб туриб кетаверди. Бир сафар у ҳужрага гўшт кўтариб кирди. Гўштдаги қон томчилари ҳали қотмаган. Бойваччанинг бўғзи ҳам қон. «Ажаб, — деб ўйлади Сабоҳиддин, — бўғзи нимага қон? Пичоқни икки кураги ўртасига урган эдим-ку?» Маъмур бойвачча гўштни Сабоҳиддиннинг димоғига тутди. Сабоҳиддин калима келтирмоқчи бўлди. Лекин тили айланмади.
— Калимаи шаҳодатингиз бефойда, — деди бойвачча.
— Нимага келдингиз, кетинг, — деди Сабоҳиддин.
— Мен сизга гўшт олиб келдим.
— Хом гўштнинг хосияти йўқ. Тезда кетинг!
— Мен ҳақиқатни билишим керак.
— Қандай ҳақиқат?
— Мени ким ўлдирди?
— ...
— Индамайсизми? Мени сиз ўлдиргансиз!
— ...
— Сиз номардсиз! Пичоқни орқадан келиб урдингиз. Юзма-юз келишга ботина олмадингиз.
— Мен ёш эдим...
— Ёш одам қўрқоқ бўлади, деб ким айтди?
— Аламим ичимда.
— Мусулмоннинг қони мусулмон учун ҳаром эканини билмасмидингиз? Мени нима учун ўлдирдингиз? Сизга нима гуноҳ қилиб эдим?
— Сиз оиламиз номусини булғадингиз.
— Мен-а?
— Ҳа, сиз! Янгамни бузуқ йўлга бошладингиз.
— Худо шоҳид, мен бегуноҳман. Сожидани никоҳлаб олганман.
— Ундан аввалроқ-чи? Янгамга номаҳрам бўла туриб, у билан қўшилганингиз ростми?
— ...
— Индамаяпсизми? Демак, сизни ўлдириб савоб қилган эканман.
— Кўз сузган ғунажинни жазоламай, арқон узган буқачани қатл этиш шариатда савоб саналадими?
— Агар у буқача чинакам ҳайвон бўлса — гуноҳ. Аммо одам бўлса — зинокорни ўлдириш савоб.
— Мен сизга гўшт келтирдим. Олинг.
— Тез кетинг... Устимдан босманг! Кетинг деяпман!
— Мен сизни ёнимга чақираман...

Сабоҳиддиннинг нафаси бўғилди. Бақириб юборди. Ўз овозидан ўзи чўчиб, яна туриб кетди. Чап томонига қараб тупурди. Сўнг калима келтирди. Сўнг бунга ҳам қаноат қилмай ҳумдан бир сиқим гуруч олиб ташқарига чиқди. Юлдузлар хира тортиб, уфқ бўзарай деб қолган эди. У гуручни томга сочди. Хужрасига қайтиб киришга юраги бетламади.

Бомдоддан сўнг яна мударрис ҳузурига йўл олди.
— Келинг, ўғлим, қани ўлтиринг. Кечаги гапларни кўнглингизга олманг. Сиз хафа қилиш ниятлари йўқ эди... Руҳингиз чўкиброқ турибди... Ё чиндан...
— Йўқ, тақсир, уларнинг сўзлари заррача оғир ботмади. Руҳсизлигим боиси... биродарлар билан суҳбатга берилиб, уйқуни андак канда қилибмиз чоғи...— Сабоҳиддин ирим қилиб, кўрган тушини айтмади. Мударрис унинг ботиқ кўзларига қараб ёлғон гапираётганини англаса-да, сир бой бермай, тасбеҳ ўгирганича дуо ўқиди.
— Ишқилиб, Оллоҳ жумла дардмандларнинг дардларига даво бериб, шулар қаторида биродаримиз Султонмуродга ҳам шифои комил ато этсин, — деди бир оз овозини кўтариб.
— Тақсиримдан хабар борми?
— Ҳа, у кишини бетоб деб эшитдик, — мударрис бу янгиликни эътиборсиз хабардай айтиб, сўнг гап мавзуини бутунлай ўзга ёққа бурди: — Сизнинг Чаноққалъа муҳорабасига борганингиз фақат жасорат эмас, иймонингиз кучидан бир нишонадир. Фарғонага қайтмоққа қасд этганингиз бу куч, Оллоҳнинг марҳамати ила, янада қудрат касб этганини аён қилди. Биз бунда кенгашиб, сизга изн бермоқликни лозим топдик. Хатми кутубингиз яқин эди. Сиз айни чоқда фотиҳа олмоққа лойиқсиз. Сиз Худо ато этган қобилиятингиз билан ўзга муллаваччалардан ажралиб турардингиз. Энди волидайн қучоғига бориб, Ҳақ йўлдан қайтган бандаларни инсофга келтириш билан машғул бўлишингиз вақти етди. Мен сизни бу хабардан огоҳ этиб қўймоқчи эдим. Ҳа, дарвоқе, кечаги муҳтарам зотлар агар малол келмаса, сиздан бир дуойи салом бериб юбормоқчи эканлар. Ўшал номани Марғилонга ташлаб ўтармикинлар, деган ўтинчда илтимос қилишди.
— Нимага малол келсин, бош устига, тақсир. Сизнинг хоҳишингиз мен учун амри вожиб.
— Боракалло, ўғлим. Энди боринг, йўл ҳозирлигини кўраверинг.

Сабоҳиддин яна муаммолар чоҳига тушди. Султонмуроднинг эсланиши уни таажжубга солди. Кечаги одамларнинг қотил ҳақидаги гаплари билан мударриснинг дуосида боғлиқлик бордай туюлди. Бироқ, бу илмоқли гаплардан мақсад не эканини англай олмади. Султонмуроднинг бетоблигини айтиш билан сафар тадоригини тезлашга ундадими? Бусиз ҳам учмоққа қанот чиқариб шай турибди-ку? Фарғонага бормоқ ниятини ўзи айтди-ку?.. Сабоҳиддин имом ҳузурида қарздор. Авваламбор Сабоҳиддинга алифни ўргатган одам — шу имом. Қолаверса, ўша мудҳиш кечада, Маъмур бойваччага пичоқ санчган онида воқеага худди шу одам гувоҳ бўлган.

...Кўча кимсасиз ва қоронғи эди. Маъмур бойвачча хиргойи қилиб борарди. Сабоҳиддин писиб келиб унга пичоқ урди-ю, орқасига қараб қочди. Ўн қадам ташламай, бир одамга урилди. Бу одамни мактабдор устози Султонмурод эканини кейинроқ билди. Шарафли Бухорога келишига ҳам шу одам сабабчи. Қайтиш онида ҳам унинг номи тилга олиняпти. Ишқилиб, охири бахайр бўлсин.

...Сабоҳиддин кетиш сабабини Табиб афандига мужмаллик билан айтиб, бошини қуйи солди. Шубҳасиз, у Маъмур бойвачча воқеасини яширди. Бироқ, одамлар фикрини ўқий оладиган Рҳақ учун бу воқеа қоронғилигича қолмади. Бундан буткул бехабар Сабоҳиддин сафар вақти-соати ўзи кутганидан ҳам анча илгари келганини, тонгда Бухорони тарк этажагини билдирди. Афтидан, у Салимхўжани излаб келган. Баҳонада Табиб афанди билан хўшлашмоқчи эди. Рҳақ буни сезиб, оқшомга қадар Салимхўжани дараклаб топажагини, сўнг биргалашиб мадрасага ўтажагини айтди. Сабоҳиддин қуллуқ қилиб чиқиб кетгач, Рҳақ уйдаги буюмларини саранжомлади. Чунки у ҳам эртага Танг сари учиши керак. Лукн минорага тик чиқиб тушгач, уларнинг қайтишлари тезлашди. Рҳақ уйқудаги Лукнни саҳро қўйнидаги мўъжаз кемага қўйиб келиб, ўзи Ердаги ишларни якунлашга шошиларди. Бахтига кун оёқламай туриб, уйига Салимхўжанинг ўзи кириб келди. Рҳақ унга бўлган воқеани қисқа баён этгач, Шоазизнинг келишини кутмай, икковлашиб Сабоҳиддин таҳсил кўраётган мадраса сари йўл олишди.

Сафар тадоригини кўраётган Сабоҳиддин ҳужра эшиги олдида Салимхўжа билан Табиб афандини кўриб ғоят қувонди. Салимхўжа билан Сабоҳиддиннинг олти йиллик қадрдонлиги бор. Бухоро тупроғига илк қадам босган чоғида орттирган биринчи ошнаси — шу Салимхўжа. Сабоҳиддин дастлаб жинкўчаларда гангиб, адашиб қолганида Салимхўжа жонига ора кирган эди. Сабоҳиддин хийла бадавлат оилага мансуб бу мулла йигитнинг мадрасада эмас, Петербургда таҳсил олиб қайтганини кейинроқ билди. Уни баъзи замонавий илмлардан, юзаки тарзда бўлса-да, Салимхўжа огоҳ қилди. Аслида, Салимхўжа Сабоҳиддинни шунчаки эмас, балки илмнинг ўзагига қадар ошна этиши мумкин эди. Бироқ, Бухоро мадрасасининг талабаси «шайтон иси анқиб турган бу илмлар» ҳақида сўз очилишини ҳам истамасди. Олти йил бадалида на у, на бу бир-бировининг ақидасини маъқуллади. Аммо, ҳар бири ўзича тўғри деб ишонган ҳақиқат юзасидан тоза кўнгил, чуқур мулоҳаза билан фикр юритгани учун ҳам йиллар ҳатласа-да, дўстлик иплари узилмади. Салимхўжа уни Чаноққалъа сафаридан қайтаришга уринди, бир неча бор «Ёш бухороликлар» деб аталмиш гуруҳ суҳбатига ҳам тортди. Аммо бу йигитларнинг аксари Сабоҳиддинга мақбул келмади. Чунки улар Салимхўжанинг буткул акси, чуқур мулоҳаза юритмай, жўшиб кетишар, ҳатто аҳли жоҳ, аҳли динга қарши сўз айтишдан ҳам қайтмас эдилар. Аҳли донишдаги «Айтган сўзим— ҳожам, айтмаганим — қулим», деган ҳикматга амал қилувчи Сабоҳиддин эса тилни бесуяк билувчилардан ўзини нари тутарди.

Бухоро аҳли ичида Сабоҳиддин учун ягона чин дўст ҳисобланган Салимхўжа такаллуф кутмаёқ ичкари кириб, бир қават якандоз устида чордана қурди. Рҳақ унинг ёнидан жой олди. Сабоҳиддин дўстининг келишига интиқ эди. Меҳмон шарафига дастурхон тузашга чоғланганида Салимхўжа рухсат бермади. Билагидан тутиб, ёнидан жой кўрсатди. Сабоҳиддин пойгакроқда, меҳмонларга юзма-юз ўтирди.
— Назаримда хатми кутубга пича вақт бор эди. Қайтишга чоғланганингиздан хабар топиб ажабландим? — деди Салимхўжа унга савол назари билан тикилиб, — яна вужудингиздаги мужоҳидлик қони жўш урдими?
— Ўт тушган онда кимдир ўчирмоққа жазм қилмоғи лозимми? Ё сизнинг биродарларингиз каби ўт ўчирмоқнинг қай усули маъқул, деб фикр талашиб ўтирмоқ жоизми? — Мен дийдор қиёматга қолмаса деган хадикда эдим. Айбга буюрманг, аммо хўшлашгани келганингиз ҳолда мени сўроққа тутишингизга ақлим етмай қолди.
— Узрлиман, мулла, айбситманг. Сизни сўроққа тутиш ниятим йўқ эди. Фақат бемаврид кетишингизни мулоҳаза қилиб, мен бўлакча хулосага келиб эдим.
— Қандай?
— Фарғона вилоятидаги афсусга лойиқ воқеалар ҳақида сиз билан кўп баҳс юритган эдик. Вилоятга қадалган икки кўздан бири сармоядорларники, яна бири ғайридин инглизники деганимда, фикримни бир қадар маъқуллаган эдингиз?
— Ҳали фикримни ўзгартирганимча йўқ.
— Боракалло. «Ислом лашкарлари» деганингиз чин халоскор эмас, сарҳад ташқарисидаги бегоналар қўлида қўғирчоқ эканини ҳам маъқуллаб эдингиз?
— Бутунича эмас. Ислом лашкарлари ҳозирча улардан кўмак оладилар кейин...
— Кейин... Бугунги кўмак иплари эртага тобе бўйиндаги занжирга айланажак.
— Очиғини айтсам... фикрим ожизлик қилиб қоляпти. Бир томони инглис, яна бир томони ўрус...
— Сиз шу тобга қадар ўзганинг тузига нон ботирмагансиз. Меҳнат билан улғайгансиз. Меҳнат аҳлига қайишинг, дейман.
— Бундан бўлакчароқ ниятим ҳам йўқ.
— Мулла, ҳақ йўлдан адашмасангиз бас.
— Ҳақ йўлни... ҳақ йўлни фарқлайман, инша Оллоҳ!
— Айбситманг Мулла, гапларим бир оз аччиқ бўлади: Сиз ҳозир кўзингиз юмуқ ҳолда чорраҳада турибсиз. Фикрим ожиз, деб ўзингиз айтдингиз. Мен сизнинг ислом лашкарлари томонга ўтиб, инглиз ҳарбийларининг қўғирчоғига айланишингиздан қўрқа-ман.
— Худо сақласин! Асти ундай эмас. Ниятим — фақат юртга осойишталик, фароғат тиламоқ.
— Ниятингиз йўлдошингиз бўлсин. Аммо сўзларимни назардан фориғ этманг.
— Саҳармардонда Бухорони ташлаб чиқаман. Бундан буён Худо хоҳласа, яна кўришармиз. Бугунча дунё ишларини қўя туриб, баҳсга берилмайлик. Бошқа гаплардан гаплашайлик.

Салимхўжа маъқул ишорасини қилди. Онда-сонда Рҳақни ҳам суҳбатга чорлашди. Аммо сўз айланиб яна Фарғона вилоятига бориб тақалаверди. Салимхўжа Сабоҳиддиннинг икки ўт орасида қолиб азобланаётганини сезиб, суҳбатни бас қилди. Саҳарда яна келажагини айтиб, хайрлашди.

Сабоҳиддин уни бомдоддан сўнг анча кутди. Келавермагач, ноилож йўлга чиқди. Жинкўчаларни оралаб бораётган Сабоҳиддиннинг юраги гўё узилиб тушди. Шаҳар дарвозасига етганда Табиб афандини кўрганидан кейин чеҳраси бир оз ёришди. Аммо юзидаги хавотир кўланкаси йўқолмади. Рҳақ Салимхўжанинг бу тун амир сарбозлари томонидан ҳибсга олинганини айтгач, Сабоҳиддин бирдан кичрайиб чўкиб қолгандай бўлди. Кейин бир қарорга келиб, шаҳар томонга юз бурди. Рҳақ унинг мақсадини англаб йўлини тўсди.
— Қаёққа? — деди у Сабоҳиддинни елкасидан ушлаб. — Борганингиз билан қўлингиздан нима келади? Зиндонда бирга ўтириб, баҳсларингизни давом эттирасизми... Орқага қайтишнинг хосияти йўқ. Сиз бораверинг. Салимхўжа ҳақида ўзимиз қайғурамиз...

Сабоҳиддин Табиб афандининг елкасига бош қўйиб, туриб қолди. Кейин қўл олишиб хайрлашди-да, беҳол юриб кетди...

Рҳақ эзилган кўйи бир-бир босиб кетаётган Сабоҳиддинни, ўзгалардан зеҳни билан фарқланиб турувчи Салимхўжани эслаб юраги эзилди. Аслида ўшанда Салимхўжани зиндондан чиқариб, Сабоҳиддинни йўлдан қайтарса бўларкан. Ҳақиқатни эшитиб, бир оз саросимага берилсалар ҳам, ишонишарди. Уларнинг бошига яна қандай ташвиш тушди экан? Ерда Танг кўрсатмаларини бузмай ишлагани учун Рҳақ яна бир афсусланди.

Ҳозир орқа томонда Сабоҳиддин хўрсингандай, илиқ нафаси бўйнига урилгандай бўлди-ю, энтикиб туриб қетди. Орқасига ўгирилиб... ўғлини кўрди.
— Қаерда эдинг? — деди у бир оз довдираган ҳолда.
— Шу ерда... кирганимни пайқамадингиз, — ўғли шундай деб унга яқинлашди. — Сиз бошқача бўлиб қолгансиз. Юрагингиздаги гапларни яширяпсиз. Сир бой бермаяпман, деб ўйлайсиз. Ёдлаб олган ақидаларингизни пеш қилиб насиҳат қиласиз. Бунақада ўзингизни еб қўясиз. — Ўғли киноя билан жилмайди. — Тараққиёт учун хизмат қила олмайсиз. — У шундай деб чиқиб кетди.

Рҳақ ўғлига эътироз билдиришга шу тобда ожиз бўлгани учун ҳам уни изига қайтармади. У Ерда юрганида уйга қайтгач, руҳан эзилишини тахмин қилган, ерликларнинг туйғуларига банди бўлмай деб, худди юқумли касалликдан қочгандай қочишга уринар, йироқлашишга интилгани сайин, ундан узоқлашмай, аксинча, тобора яқинлашарди. Мана, оқибат: ерликларнинг туйғулари қарийб юқди, Лукн минорага чиқиб тушгандан бери қалбида ғимирлаётган норозилик очиқ ғалаёнга айланди. Тангга келгунга қадар ўзи билан ўзи пинҳона олишди. Кейин ўғли билан, Фид билан баҳслашди. «Қачон?» «Нимага?», «Шартми?» «Зарур эмас?» «Ажаб...» Бир тана, бир юракка икки киши хўжайин. Ақл юракка, юрак ҳаракатга, ҳаракат сўзларга монанд эмас. Бири иккинчисини инкор этади. Бири бировига бўйсунмайди. Буни ўғли ҳам пайқабди.

Рҳақ ана шундай оғир аҳволда эди.

Нима учун ҳеч ким йўқламай қўйди? Бу — муддаонинг ўзи бўлса-да, Рҳақ ажаблана бошлади. Айниқса, ҳозир уйга сиғмаётган пайтида кимнингдир йўқлашини кутди. Аммо йўқлов бўлмади.

У, айниқса, Фиддан хабар кутганди. Орадан ойлар ўтяпти, аммо Рҳақ интиқ бўлган гапдан дарак йўқ. Тангда бирон-бир масалани ҳал этиш бунчалик узоққа чўзилмас эди. Фид нима учун жим? Наҳот донишмандлар маркази ҳалигача бир қарорга келмаган бўлса? Ахир муаммо жуда ҳам чигал эмас-ку? Рҳақ Ернинг ҳаётини тўлалигича оқлагани йўқ. У ҳам Лукн каби ерликларнинг ярамас жиҳатларини пайқаган, бундан ғазабланган. Лукн билан унинг хулосаларида асосанбиттагина жиддий фарқ бор: Рҳақ ерликлар келажагига умид билан қарайди. Лукнда мана шу умид йўқ. Ҳар қандай нотўғри хулосанинг, ҳар қандай фожианинг боши умидсизлик эканини англаш наҳот шу қадар оғир бўлса?!

Рҳақни маълумотларнинг қай даражада маъқулланиши эмас, балки Ерга қилинажак янги сафар тақдири кўпроқ ташвишга соларди. Ерга яна тадқиқот мақсадида училадими ё унинг ҳаётига бевосита аралашиш учун сафар қилинадими? Тадқиқот давом эттирилса кимлар боради? Лукнми ёки Рҳақнинг ўзими?...

«Мен албатта боришим керак», — деган қатъий қарорга келган Рҳақни ўша дамдаёқ «Нима учун мен боришим керак?», «Нима учун Ерга қайтгим келяпти?» деган саволлар сиқувга оларди. У турли баҳоналар ўйлаб топиб, ўзини-ўзи ишонтиришга ҳаракат қиларди. Кунлар шу зайлда ўтяпти. Фиддан эса дарак йўқ. Рҳақ ўйлай-ўйлай, «Хабар кутиб, диққинафас бўлмасдан, Фиднинг олдига борганим маъқул», деган қарорга келди. Эртасига нонуштадан сўнг Фиднинг ҳузурига йўл олди.

Дўстининг хонасида бўғилиб баҳслашаётган Лукнни кўрди-ю, остонада тўхтаб қолди. Фид Рҳақни имо билан ичкарига таклиф қилди.
— Нимангизга кериласиз? — деди Лукн кириб келган Рҳаққа эътибор ҳам бермай. — Ўзингиз ҳам фойдали кашфиёт қилганингиз йўқ-ку?

Лукн асабийлашган сайин Фид ўзини хотиржам тутарди. Лукннинг сўнгги сўзларидан ҳатто кулиб ҳам қўйди. Фиднинг қандай буюк кашфиёт эгаси экани каттаю кичикка маълум бўлса-да, Лукн уни атайин камситиб, жиғига тегмоқчи эди. Лекин ўқ мўлжалга тегмади — Фид асабийлашмади.
— Мен ерликларни бежиз саросимага солмаганим учун ҳам кериламан, — деди у босиқлик билан.
— Мен бунинг зарарли эканини билмаган эдим.
— Сизнинг онгсизлигингиз ҳам шу.
— Ҳаётда хатолар юз бериб туради, буни унутманг.
— Ҳар нарсанинг чегараси борлигини сиз ҳам унутманг.
— Яхши, унутмасликка ҳаракат қиламан. — Лукн шундай деб ўзини босиб олиш учун чуқур нафас олди.— Энди бу гапларни қўйиб, муддаога ўтайлик.
— Менг қароримни ўзгартирмайман.
— Сиз мени...
— Ҳа. Лаёқатсиз деб биламан. Сиз бу ишга мутлақо нолойиқсиз!

Фид ўрнидан турди-да, дераза олдига бориб, орқасини ўгириб олди. Лукн унга нафрат билан қаради-да, чиқиб кетди. Фид шундан кейингина Рҳаққа ўгирилди.
— Кўрдингми? — деди у эшик томон ишора қилиб.— Темир сандиққа солиб кўмиб ташласанг ҳам иложини топиб тешиб чиқаверади.
— Сендан нима талаб қиляпти?
— Яна Ерга учмоқчи. Қўйиб берсанг, энди Ерни алғов-далғов қилиб қайтади. Минора сиртида юргани учун у жазоланди.
— Ерга яна училмоқчими?
— Ҳа. Шу масалада сени чақирмоқчи эдим. Келганинг яхши бўлди. Энди Ерда жиддий тадқиқотлар бошлаш вақти етди. Сен билан Лукн тавсия этган икки хил маълумотлар бизни чалғитиб қўйди. Энди Ернинг олти нуқтасига якка-якка ҳолда юборамиз. Қадимда тараққиёти юксак бўлиб, оқибатда уйқуга берилган юртларни чуқур ўрганиш керак.
— Ерга кимлар учади?
— Ҳозирча аниқ бир гап айтиш қийин.
— Тахминий рўйхат бордир ахир? — Рҳақ Фидга яқинлашиб елкасини ушлаб, силтаганини ўзи ҳам сезмай қолди.
— Ўзингни бос, — деди Фид унинг қўлларини елкасидан олиб. — Бу нима қилганинг? Шу асабийлигинг билан Ерга учмоқчимисан?
— Ҳа. Мен албатта учишим керак.
— Нима учун?
— Мен... тахминларимни исбот қиламан.
— Шунинг ўзими?
— Демак... Мен рўйхатда йўқ эканман-да, а?
— Мен бундай демадим шекилли?

Бу гапдан кейин Рҳақнинг чеҳраси очилди.
— Мен рўйхатга номзодингни киритдим. Аммо бу аҳволингда тиббий синовдан ўта олармикансан?
— Ўтаман, Фид.
— Яхши. Лукн ўрнатиб қайтган узатгичларнинг айримлари маълумот юбормай қўйди. Балки у одамлар ўлгандир. Сабоҳиддин деган ерликни билармидинг?
— Бу сенга қаердан маълум бўлиб қолди?
— Лукннинг ҳисоботидан. Хуллас, ўшандан келаётган маълумотлар чалкашиб кетди. Ерга борсанг, у одамни топасан. Ўзгариш сабабини билишимиз зарур.
— Фид, ерликларнинг ҳаётини таҳлил қилиш учун аждодларимиз тарихини озгина бўлса ҳам билсам, зарар қилмасди.
— Шарт эмас. Сен кўрганларингни бизга маълум қилавер. Таҳлил этиш махсус гуруҳнинг иши.
— Фид, бир нарсани очиқ айт, тадқиқотлар тугагандан кейин Ернинг тақдири нима бўлади?
— Очиғи, ўзим ҳам билмайман. Аммо Тангнинг тақдирига бефарқ қараш мумкин эмас. Биз эртами-кечми, табиатга қайтадан яқинлашишимиз шарт. Табиатдан узоқлашганимиз сайин ҳамма нарсадан ажраляпмиз. Буни фақат сен эмас, бошқалар ҳам тушунади.
— Демак... биз бора-бора ерликлар ҳисобига яшашимиз керак экан-да?
— Жуда унчалик эмас. Биз аввало уларга ёрдам берамиз. Уларнинг онг даражалари бизникидан паст.
— Балки юқоридир?

Фид Рҳаққа тикилиб қолди. Юқори лаби учди. Тескари ўгирилиб олди. Бир неча дақиқа илгари ҳам Лукннинг гапларидан ғазабланиб, шу алфозда дераза ёнига бориб турган эди. Рҳақ бемаврид баҳслашганини сезиб, афсусланди. Фиддан садо чиқавермагач, изига қайтмоқчи бўлди. Эшик тутқичига қўл юборганда бармоқларининг титраётганини кўрди. Қизиқ, асабийлашишга ҳеч бир асос йўқ эди. Аксинча, Ерга учувчилар рўйхатида номзоди борлигини билиб, қувониши лозим эди. Бу хушхабарни интиқлиқ билан кутаётган эди...
— Мен бу хабарни эшитиб, қувонарсан, деб ўйлабман, — деди Фид босиқ оҳангда.

Рҳақ тўхтаб, ўгирилди. Фид ҳамон дераза олдида турарди.
— Фид, ўзим ҳам ҳайронман.
— Агар яна учишни истасанг, саломатлигингни ўйла. — Фид шундай деб унга қаради. Рҳақ гапиролмади. Бошини қуйи эгиб, чиқиб кетди. Даҳлизда ўғлини кўриб, таажжубланиб тўхтади.
— Сен бу ерда нима қилиб юрибсан?
— Сизни излаяпман. Тезда уйга боринг. Онам йўқлаяптилар.
— Уйдан ҳозиргина келдим-ку?
— Тоблари қочди.
— Юр, бўлмаса.
— Мен тажрибахонадаги дўстимга бир оғиз гап айтаману орқангиздан етиб бораман.

Рҳақ шошганича уйга жўнади. Ўғли, айтганидай, орқасидан етиб бормади. Рҳақ хотини ётган хонага кирди. Хотини пинакка кетган экан, чўчиб кўзини очди. Эрини кўриб, маъюс жилмайди.
— Тинчликми? — деди хаста овозда.

Рҳақ нима дейишини билмай иккиланди.
— Тинчлик... қиладиган ишим йўқ, зерикяпман, — деди ниҳоят. — Ўзинг тузукмисан?
— Ҳа, бугун анча енгил тортиб турибман. Ўлингиз ҳозиргина кетди.
— Сенга бир нима дедими?
— Ҳеч... Ҳа, айтмоқчи, видеомагнитофонингизга бир нималарни ёзди шекилли.

Рҳақ хонасига кириб, видеомагнитофон тугмасини босди. Кафтдек экранда ўғлининг жиддий қиёфаси кўринди. У шошилмай дона-дона қилиб гапира бошлади:
— Ҳар нарсанинг чеки-чегараси бўлиши керак. Ҳиссиз сайёранинг умри қисқа. Ўтмишини рад этган ва унутган жамиятнинг келажаги ҳам йўқ. Биз норозилик сифатида бутун тўдамиз билан ўзимизни қурбон қиламиз. Тангда бир кунмас-бир кун, албатта ҳис-туйғу, меҳр-оқибат кўз очади, деган умид билан ўламиз. — Ўғли бир оз тин олди. Кейин овозини баландлатди: — Нима учун биз фақат юксалишни ва ишни ўйлашимиз керак? Биз авлодларга нимани мерос қилиб қолдирамиз? Ваҳшийликними?

Гап тугаши билан тасвир йўқолди. Рҳақ гангиб, хотини ётган хонага чиқди.
— Нима дебди яна? — деди хотини хавотирланиб.
— Ўзининг ўша эски дарди...

У гапини тугатмай, дераза ойнаклари зириллаб, уй титраб кетди. Хотини ваҳима билан қичқириб юборди.

Рҳақ донишмандлар марказидаги асосий тажрибахона портлаганини, бу мудҳиш ишни амалга оширишда ўғли ҳам иштирок этиб, тўдаси билан бирга ҳалок бўлганини бир неча дақиқадан сўнг билди.

Ўзига суиқасд қилган ёшлар мақсадларини баён қилиб кетган бўлсалар ҳам уларнинг ўлими бахтсиз ҳодиса сифатида қайд этилди. Кераксиз шов-шувга йўл берилмади.

Рҳақ Тангга қайтгач, ўзини ёлғиз сезиб, сайёрада туйғуларнинг уйғонишини орзу қилиб юрган эди. Энди билса, у ёлғиз эмас экан. Туйғуга чанқоқлар ҳам бор экан. У ўғлининг ҳалокатидан беҳад изтиробда эди. Аммо зурриёдининг аниқ бир мақсад йўлида қурбон бўлгани уни овунтирарди.

Орадан ярим ой ўтмай, хотини билан ҳам видолашди-ю, тамоман гангиб қолди. Асаблари бутунлай ишдан чиқаётганини англади. Ерга қилинажак сафардан умидини узди. Ана шу кезда яна Фид жонига ора кирди. Уни марказий асаб ҳужайраларини созловчи биотелекамерага жойлаштирди. Шу муолажадан сўнггина у тиббий кузатувдан ўтди. Фид Рҳақнинг илтимосларини бажаришга ҳаракат қилди. Ген камерасига ўрнатилган миянинг телепатик хусусиятини кучайтирувчи мослама қувватини оширишга эришди. Энди Рҳақ инсон қиёфасига киргач, бир неча ўн қадам наридаги одамнинг фикрини уқиб, унга фикран буйруқ бера оладиган бўлди. Ердан узатилган биоток оқимлари асосида тўпланган маълумот билан танишиш Рҳақни беҳад қувонтирди. Чунки бу маълумот Сабоҳиддиннинг кейинги ҳаракатларини баён этарди. Кеманинг махсус бўлмасидаги бу маълумотни Рҳақ фақат Ерга яқинлашган чоқдагина олиб ўқиши мумкин, чунки Ернинг маънавий қиёфаси ҳақида маълумот тангликларга аён бўлмаслиги шарт эди. Учиш онлари яқинлашгани сайин Рҳақни ажиб бир ҳаяжон қамраб борарди. Илгарилари у бундай ҳолга ҳеч тушмаган эди. Энди у ҳиссиз сайёрасидаги тартиблар борасида фикран баҳслашмас, балки кўпроқ Ерни ўйларди. Эски танишларини қўмсарди... У Ерга тушади. Бухорога боради. Ёш бухороликларни бир-бир излаб топади. Суҳбат қуради. Кейин Назирани кўради... Назира унга ғазаллар ўқийди. Кейин ўзи яширинча битган байтлардан... Суюклиси билан топишганини қувона-қувона айтади... Кейин Рҳақ водийларни кезади. Булбулларнинг сайрашини эшитади. Булоқ сувидан симиради...

Рҳақ учиш кунигача шу ширин хаёллар билан яшади.

Кемага чиқар маҳалида бирдан нафаси қайтиб, юраги уришдан тўхтагандай бўлди. Кутилмаганда «Яна боришим шартмиди?» деган фикр миясига урилиб, баданига муз югурди. Беихтиёр орқасига ўгирилди: майдонда ҳеч ким йўқ. Узоқда кузатувчилар жойлашган бино. Фид ҳам ўша ерда. Улар билан қайта кўришиш насиб бўлармикин? Ердан қайтганда ҳаммадан ётсираб қолган эди. Эндиги қайтишида қандай ҳолга тушаркин? Ерликларни янада қаттиқроқ яхши кўриб қолармикин ё Лукн каби нафратланиб қайтармикин?

Кема сайёра сатҳидан кўтарилгач, Рҳақнинг юраги қалқди. Назарида қалбининг бир парчаси узилиб қолгандай бўлди. Танг — ҳиссиз бўлса ҳам ҳар ҳолда она юрти эди...

Рҳақ кемада ўз иши билан машғул бўлди. Кераксиз баҳсга берилмаслик учун ҳамроҳларининг суҳбатларидан ўзини четга олди. Муддат етгач, биринчи бўлиб уйқу камерасига кирди. Тиниқиб ухлади. Галлютсинатсия бу сафар ҳукмини ўтказа олмади. Қуёш мажмуасига яқинлашганларида уйғонишди. Рҳақ шундагина Сабоҳиддин ҳақидаги маълумотлар билан танишишга тутинди.

Орага Қилич Тушди

Сабоҳиддин Табиб афанди — Рҳақ билан қўл олишиб хайрлашгач, анча ергача отини етаклаб, беҳол юриб борди. Шаҳар дарвозаси олдидаги бақириқ-чақириқлар эшитилмай қолгач, орқасига қаради. Ҳорғин одамдай чўкиб ётган деворларга маъюс тикилиб турди-да, отига минди. У муддарриснинг ўгитига амал қилиб, оташ аравага минмади, отлиқ ҳолда Кармана, Самарқанд, Хўжанд, Қўқондан ўтиб, Марғилонни қоралаб бораверди.

У Марғилонга яқинлашганида кун пешиндан оғиб қолган эди. Гузардаги масжид имомига бериб юборилмиш омонат мактубни топширгач, шомга қадар Фарғонага етиб олишни режа қилганди. Масжидга кириб ҳеч кимни учратмагач, гузарнинг нариги бетидаги катта толлар панасида биқиниб турган самовархонага бориб ўтирди. Елкасига сочиқ ташлаган, яктаги устидан боғланган қўшбелбоғдан носқовоғи дўмпайиб чиқиб турган самоварчи бир ликобчада ҳолва, иккинчисида майиз келтириб қўйди.
— Меҳмон сув қайнагунга қадар андак сабр қиладиларми?
— Хижолат бўлманг, шошаётган ерим йўқ. Фақат масжидда ҳеч ким кўринмаётганидан таажжубдаман.
— Э, меҳмон, янги гаплардан хабарлари йўқми ҳали?
— Тинчликми, ишқилиб?
— Бу тунда Холиқберди тўрамнинг волидаи мукаррамаларини қатл қилишибди. Тўрам пешинга етиб келдилар. Ҳозир ҳамма жанозада.

Сабоҳиддин фотиҳа ўқиди. Самоварчи унга қўшилди.
— Қатл қилишибди, дедингизми? — деб сўради Сабоҳиддин ажабланганини яширмай.
— Ҳа, қатл қилишибди, — деди самоварчи хотиржам бир оҳангда. Кейин: «Шундай олатасир замонда бир кампирни ўлдиришса нима қипти? Не-не лочин йигитларнинг боши учяпти-ю! Бу йигит осмондан тушганми, нима бало? Бунча ҳайрон бўлмаса», дегандай ғалати қараш қилди.
— Ҳимоясиз бир ожизада кимнинг қасди бор экан?
— Буниси бизга қоронғи. Юзта оғиздан юз ўн гап чиқяпти ҳозир. Қай бирига ишонишни ҳам билмай қолди киши. Самовар қайнади шекилли, мен борай-чи...

Сабоҳиддин жўмраги чегаланган чойнакдаги чойни бўшатай деганда от дупури эшитилди. Йўлнинг икки чеккасидаги қўшқатор толларнинг ишком бўлиб чирмашган шохлари офтоб нурини ўтказмагани учун кўча бир оз қоронғироқ кўринарди. Отлиқлар гузарга яқинлашдилар. Олдинда икки сувори. Орқарокда қўқонарава. Аравага тўрт киши чандиб боғланган. Орқада яна ўнга яқин отлиқ аскар. Олдинда келаётган сувориларнинг бири Сабоҳиддиннинг кўзига иссиқ кўринди, тикилиб қаради: акаси! Чойнакни қўйиб, отлиқларга пешвоз чиқди. Акасини чақирайми-чақирмайми, деб иккиланиб турганда, Жамолиддин узун тўн кийиб, салла ўраган укасини таниб, тизгинни тортди-да, «Сабоҳиддин, жигарим!» деб отдан сакраб тушди. Ака-ука бир-бирини бағрига босганича унсиз туриб қолди. Тил ўрнига бир-бирига жуда яқин келган икки юрак гаплашди:
— Соғ-омонмисан, укажоним!
— Худога шукр, омон қайтибсиз. Мени деб не азобларни елкангизга олдингиз. Акамнинг жонини омон сақла, яхши кунларда дийдор кўришайлик, деб ҳар ибодатдан сўнг Оллоҳга ёлбордим. Минг қатла шукр, оҳларим Тангримга етиб борибди...

Одатда узоқ айрилиқдан сўнг топишган аёллар йиғиларини яшира олмайдилар. Эркаклар эса овоз чиқармай кўришадилар. Чунки сўзга оғиз жуфтланса йиғиталаб қалблар иродадан устун келиши мумкин. Аламларини ҳам, дард-ҳасратларини ҳам ичга юта олиш қудратига эга бўлган эркакларнинг заифлигини бундай ҳолларда мижжалар орасидан сизиб чиққан кўз ёшлари ошкор қилиб қўяди. Ҳозир ҳам шундай бўлди.
— Жалолиддинов, йўлдан қоляпмиз!

Соғинган юраклар бир-бирига тўймай қолди.
— Саша, қара, укам келибди. Эсингдами, сенга у ҳақда гапиргандим, — деди Жамолиддин ҳамроҳига қараб.
— Эсимда, эсимда. Жуда аъло иш бўлибди. Аммо ҳозир тўхташга фурсат йўқ. Қайтишда истаганингча кўришаверасан.
— Хўп, ҳозир. Сабоҳиддин, сен шу ерда тура тур. Мен тезда қайтаман.
— Узоққа кетяпсизми?
— Анавиларни Холиқберди тўрага топширамизу қайтамиз.
— Улар кимлар?
— Тўранинг онасини ўлдиришибди. Эшитгандирсан?
— Ҳа.
— Бўпти, укажон: мен келгунимча шу ердан жилма.
— Самоварда бўлмасам, масжиддан топасиз.

Отлиқлар йўлга тушди. Сабоҳиддин жойига қайтди.
— Танишингизни учратдингиз, шекилли, а, меҳмон? — деб сўради самоворчи унга яқинлашиб.
— Танишим эмас, акам бўладилар. Олти йил кўришмаган эдик.
— Олти йил?! Тағин ҳам одам ҳижронга чидайди. Акангиз мардикорга кетган эдиларми?
— Йўқ, мардикорга олиш бошланмасдан бурунроқ Сибир қилишган эди.
— А...а?
— Мен эсам Бухорои шарифга таҳсил олгани кетган эдим.
— Акангиз ўша дамларда ҳам оқпошшога қарши эканлар-да, а?

Сабоҳиддин акасининг сургун қилиниши сабабини айтиб ўтирмай, «ҳа», деб қўя қолди.
— Аравадагиларни қаерга олиб кетишяпти экан?
— Холиқберди тўрага.
— Қотиллар шулар бўлмасин тағин?
— Ҳа, ўшалар экан.
— Ё алҳазар! Улар ҳам шўролардан-ку? Ўзлариникини ушлаб беришибдими?
— Шўролар дейсизми?
— Ҳа-да! Иккитасини яхши танийман. Бири мелисада, биттаси чекадами, қўмитадами ишларди. Ўшаниси бир куни менга пўписа қилган. Вой, онангни кўргурлар-э, ғирт ғаламис экан-да, а, бари? Аммо ушлаб тўрамга топширишлари дуруст бўлибди.
— Нимага?
— Қотилларни топширишмаса, қирғин бўлиши турган гап эди. Худога шукр, бегуноҳларнинг қони тўкилмайди энди.

Аср намози яқинлашгач, масжид атрофида одамлар кўринди.

Сабоҳиддин имомни топиб, Бухорои шарифдан дуо олиб келганини айтди. Имом мактубни олиб ўпди, кўзига суртди-да, токчага олиб қўйди. Намоздан сўнг гаплашамиз, деб гапни калта қилди.

Сабоҳиддин таҳорат олиб намозга кирди. Имом унга ёнидан жой кўрсатди. Намоз тугагач, имом йиғилганларга қараб сўз бошлади.
— Муҳтарам жамоа, бугун Марғилонимизга Бухорои шарифдаги олий мадрасада таҳсил кўриб қайтаётган мулла Сабоҳиддин Жалолиддин ўғиллари ташриф буюрганлар. Иқболимиз кулганини қаранг-ки, у киши бизнинг масжидимизга қадам ранжида қилишни лозим кўрибдилар. Олий зотларнинг суҳбатларидан, илмидан баҳраманд бўлган мўътабар меҳмонимиз ваъиза айтиш истагини билдиряптилар. Биз ҳам муҳтарам жанобнинг амри маъруфларига мунтазирмиз.

Сабоҳиддин имомга ҳайрон бўлиб қараб қолди. Имом эса унинг таажжубини сезмаганга олиб, ярим қуллуқ, ярим жилмайиш билан ўрнини бўшатди. Сабоҳиддин мударриснинг ўгитларини эслаб, Ҳуд сурасини тафсир қила бошлади. Ваъз тугагач, пойгак томонда турган ёш бир йигит уни саволга тутди:
— Биз омиларни айбситмайсиз, тақсир, аммо Оллоҳ-таолонинг тўфон юборишига оид бир ривоятда тўфон қайтганидан кейин Тангри «Энди бандаларимни бундай азобга қўймайман», деб осмону фалакка камалак илган экан?
— Айни рост.
— Агарчи, Оллоҳ-таоло шундай қарор берган экан, шу топга келиб, аҳдини бузиб, қиёматни юбориши мумкинми?
— Тангрим иймонини йўқотмаган бандаларига раҳм-шафқат қилиб, шу қарорга келган эди. Токи иймонсизлар сафи ошиб борар экан, Тангримиздаги раҳм-шафқат жоми ғазаб заҳрига айланур ва қиёмат қойим бошланур. Аммо Худованди карим ҳидоятдаги бандаларини ҳеч вақт азобга қўймайди. Оллоҳ таборак ва таоло Сод сурасида марҳамат қилиб айтадики, астаъизубиллаҳ: «ам нажаълуллазийна амануу ва аъмилус-салихати калмуфсидийна фил арзи ам нажъалулмуттақийна калфужжар», садоқоллоҳулазийм. Яъниким, Ҳақ-таоло дейдиким: «Биз иймон келтирган ва яхши амалларни қилган зотларни Ерда бузғунчилик қилиб юрувчи кимсалардек қиламизми? Ёки тақводор зотларни фисқу-фужур қилиб юрган кимсалар каби қилар эканмизми?» Алқисса шуки, иймон келтирганлар билан иймонсизлар Оллоҳ ҳузурида тенг эмаслар. Қиёматдаги ажрлари ҳам бўлакча-бўлакчадир.
— Тақсир имонсизлар, бузғунчилар деганда шўроларни назарда тутяптиларми?

Суҳбатга имом аралашди.
— Мулла Сабоҳиддин, изн берсалар, бу саволга мен жавоб қилсам.
— Марҳамат қилсинлар.
— Муҳтарам жамоа, мулла Сабоҳиддин асли водийдан бўлсалар ҳам, кейинги уч йил бадалида биз томонларга энди келишлари. У киши ҳали шўроларнинг қандай кишилар эканини билмайдилар. Шу боис сўроғингизга мен ўзим билганимча жавоб бераман: шўроларнинг бари ҳам имонсиз эмас. Имонлилари ҳам бор. Аммо улар йўлдан адашганлар. Аҳли муслимдан кимда-ким йўлдан адашган бир мусулмон бандасини исломга қайтарса, унинг етти гуноҳидан ўтилиб, охиратда қийноқ азобларидан холи этилур. Агар уч гуноҳкор бандани йўлдан қайтарса, унга жаннатнинг энг кўркам еридан жой ато қилинур. Бу расулиллоҳнинг шарафли ҳадисларидур ва барчангиз уни дилингизга жо қилмоғингиз даркор. Наинки дилга жо этиш, балки кўрган, билган барча биродарларингизни бундан огоҳ қилиш бурчингиздир. Роббимиз Оллоҳ Қуръони азимушшанда марҳамат қиладики, атсаъизубиллаҳ: «Ва ман яъмал минас-солихати мин закарин ав унса ва ҳува муъминун фаулаика ядхулунал жанната ва ла юзламуна нақийран», садоқоллоҳулазийм. Яъниким, кимки у хоҳ эркак бўлсин, хоҳ аёл — мўъминлик ҳолида савобли ишлар қилса, айнан улар жаннатга кирурлар ва уларга хурмонинг думича ҳам зулм қилинмагай.
— Тақсир, мен бир нарсага тушунмай гарангман,— олдинги қаторда ўтирган самоворчи шундай деб имомга мурожаат қилди. — Мулла Сабоҳиддиннинг акалари шўролардан экан. Мулла акаларини йўлдан адашган ҳисоблайдиларми ёинким иймонсиз деб биладиларми?
— Сиз бу гапни қайдан олдингиз?
— Узоқ айрилиқдан сўнг ҳали-замон топишдилар. Омонлашганларига кўзим тушиб эди. Акалари қотилларни Холиқберди тўрамга топширгани олиб кетаётган эканлар.

Бу гапни эшитиб, имом Сабоҳиддинга ўғринча қараб олди, аммо сир бой бермай жавоб қилди:
— Мулла Сабоҳиддин, янглишмасам, акаларининг бу йўлга кирганларидан бехабарлар. Акалари билан ҳамсуҳбат бўлиб, у кишининг дилидагиларини билмай туриб, сизга тайин жавоб қилишлари мушкул, шундайми, мулла? — Сабоҳиддин бу саволга ярим таъзим билан жавоб қилди. Имом мамнун бош ирғаб сўзини давом эттирди: — Оллоҳдан умид қиламизким, мулла Сабоҳиддиннинг акалари ҳали имонларини йўқотмаганлар.

Бошқа сўровчилар қолмагач, одамлар тарқала бошлашди. Имом Сабоҳиддинни гилам тўшалган ҳужрага бошлади.
— Мен сиз ҳақингизда аввалроқ кўп ибратли гаплар эшитиб эдим, — деди у Сабоҳиддинни тўрга ўтишга таклиф қилар экан. — Чаноққалъадаги жиҳодда Оллоҳ йўлида жанг килганингиздан ҳам хабардормиз.
— Лутфингиздан бағоят миннатдорман. Аммо андек саросимага солиб қўйдингиз. Илгаритдан огоҳ этганингизда...
— Ваъздан огоҳ этишни атайин раво кўрмадим. Сиз энди муллавачча эмассиз. Жамоат ҳамиша сизнинг сўзингизга маҳтал туради. — Имом шундай деб токчадаги мактубни олиб ўқиди. Сўнг Бухородаги янгиликлар билан қизиқди. Амир лашкарларидан сўз очди. Гап орасида Жамолиддин исмли аскарбошини дуруст билишини ҳам қистириб ўтди. Кейин: «Ётадурган ерингиз борми?» деб сўради.
— Акамнинг дийдорига тўйсам, деган ниятдаман,— деди Сабоҳиддин шикаста бир оҳангда.
— Бағоят тўғри фикр қилибсиз. Агар акангиз шайтон васвасасига тушган бўлса, у кишини ҳақ йўлга солишга қудратингиз етади, деган умиддаман.
— Инша Оллоҳ.
— Сиз уйингизга ошиқмай, аввал Холиқберди тўрамнинг ҳузурларига борасизмикин?
— Сабаб? — Сабоҳиддин имомга ярқ этиб қаради. Қалин қошлар соя ташлаб турган кўзларда макр кўрди. Гўллик билан тўрга илинган сайдини мамнун бир кайфиятда кузатаётган сайёднинг кулгисини имомнинг юпқа лабларида кўрди.
— Бухородаги олий зотларнинг истаги шундай. Тўрамнинг ҳузурларида қандай юмушга чорланишингизни ўша ерда маълум қиладилар, — деди имом унга синов назари билан қараб. — Мактубда зикр этилишича, олий зотлар Маъмур бойваччанинг асл қотилини билар эканлар.

Бу гапни эшитиб Сабоҳиддин имомга бургут қараш қилди.
— Билсалар, нима қилибди? — деди зардасини яширмай.
— Улар ёпиғлиқ қозон ёпиқлигича қолсин, мулланинг шаънига доғ тушмасин, деяптилар.

Бу гапни эшитиб, Сабоҳиддин аввалига тилдан қолгандай бўлди. Ғазабга банди бўлиб қолмаслик учун калима қайтарганича дастурхонни ғижимлади. Имом унинг барча ҳаракатларини хотиржам кузатарди. Шунинг учун ҳам у ўзини босишга ҳаракат қилди:
— Тақсир, Бухородаги олий зотларга мактуб битар бўлсангиз, икки оғиз сўзим бор, қистириб ўтинг. — У овози титраётганини сезиб, озгина сукут сақлади. — Айтингки... улар мен учун бўлак қайғуришмасин. Яна айтингки, мен гуноҳим учун фақат Тангри олдида ҳисоб бераман. Оллоҳдан бўлак ҳеч бир кимса гуноҳимни пеш қилиб мени қўрқита олмайди. Мулла Сабоҳиддин гуноҳидан чўчиб, Холиқберди тўранинг хизматига мажбур бўлади, десалар қаттиқ янглишадилар. Мен жонимни ҳақ йўлига тикканман, буни унутмасинлар.
— Мулла, эсингизни йиғинг.
— Сўзимни бўлмай эшитинг: мен — Муҳаммадур Расуллиллоҳ умматиданман. Жоним битта экан-ку, мингта бўлса ҳам ислом йўлига қурбон қилишдан қайтмайман. Ислом лашкарларига хизмат қилишдай шарафга еткургани учун Оллоҳга минг қатла шукр. Шу сўзларимни ёзинг. Сабоҳиддинни гўдак фаҳмламасинлар.

Шу билан суҳбатга якун ясалди. Сабоҳиддин яна самоварга чиқди. Марғилон бағрида шабада югургилагач, йўл-йўл иштонининг почасини ҳимариб олган бўз яктакли ўспирин атрофга сув сепди. Кун бўйи қуёш заптига банди бўлган ернинг тафти кўтарилди. Самовар аста-секин гавжумлашди. Одамлар бугунги дафн маросими ҳақида, юртнинг бесаранжомлиги тўғрисида суҳбатлашишар, гапга аралашмай жимгина ўтирган Сабоҳиддинга хавотир кўзи билан қараб қўйишарди. Сабоҳиддин чойнакни яримлатмай, самоварчи янгилаб келди.
— Зерикмаяпсизми, тақсир, бир жуфт қўшиққа тобингиз қалай, Рустам қори келганлар, — самоварчи Сабоҳиддиндан жавоб кутмай, ўнг томондаги сўрида ўтирганларга қараб баланд овозда: «Қани, қори почча, бир эшитайлик», деди.

Атрофдан: «Ҳа, бир эшитайлик», «Юракни қон қиладиғонидан бўлсин», «Эшитганлар муродларига етсинлар», деган овозлар келди. Тўрда ўтирган кўзлари юмуқ, чўтир юзли, тўладан келган киши ёнини пайпаслаб танбурни олди. Уни бахмал ғилофдан чиқариб, созлади. Сўнг ҳазин куй янгради. Гўё танбур симлари эмас, ўтирганлар қалбида ғубор босган торлар чертилди. Барча, жумладан, Сабоҳиддин ҳам ажиб бир сирли ҳолат пардасига буркалди. Бугунги маросим ҳам, алғов-далғовлар ҳам унутилди. Гўё ҳеч ерда уруш-жанжал йўқ, гўё ҳеч ерда қон тўкилмаяпти, гўё ҳеч ким алам билан бошини тошга урмаяпти. Гўё дунёда ҳеч гап йўқ. Фақат оламда шу сўлим самовархона мавжуд. Гўё ер юзига танбурдан таралаётган шу куйгина ҳукмрон. Йўқ, фақат куй эмас, ширали овозда айтилган қўшиқ ҳам бор. Ана, куй пастлаб, қори қўшиқ айта бошлади: Сенинг ишқингда, эй номеҳрибон, бехонумон бўлдум,
Демон бехонумон, овораи икки жаҳон бўлдум.
Лабинг гар бермаса бўса, нечун жон элта олғайман,
Бу йўлдаким адам саҳросиға эмди равон бўлдум.
Қўшиқ тугади. Орага жимлик чўкди. Тингловчилар ашула сеҳридан қутулиб, ижрочига олқиш айтишга улгурмай иккинчи қўшиқ бошланди: Қани Ширин билан Лайлики, сендин ноз ўрганса.
Қани Фарҳоду Мажнунким, аларға ишқ ўргатсам...
Танбурнинг зир титраётган торлари, ҳофизнинг нолали овози ҳаммани банди қилиб қўйган, айниқса водийнинг қўшиқларини, водийнинг гурунгларини соғинган Сабоҳиддинни сеҳрлаб олган эди. Гарчи Бухоро билан Фарғона осмони бир бўлса-да, Сабоҳиддин киндик қони тўкилган ерни кўп қўмсарди. Хатм кутубни орзиқиб кутарди. Ота-онаси бағрига интиларди. Уйига мулла йигит бўлиб кириб келишни, хонадонидаги шодиёнани кунда турлича тасаввур этарди. Дунёнинг номардлигини қарангки, унинг қайтиши нотинч кунларга тўғри келибди. У Чаноққалъада эканида: «Танамни қирққа бўлиб, осмонга сочиб юборсалар ҳам майли, дайди шамоллар биргина бўлагимни учириб, қишлоғимга ташлаб ўтса, мингдан-минг розиман», деб хаёл қиларди. Шукрки, ота-онаси бағрига тўрт мучаси соғ қайтяпти. Яна оддий мулла эмас, ислом лашкарларининг муродбахш раҳнамолари қанотига кирувчи эътиборли одам сифатида қайтяпти. Мусулмон боласи учун бундан бўлак улуғроқ ажру саодат борми?

Сабоҳиддин қўшиқ сеҳрида шуларни ўйларди. Ўйи ниҳоясига етмай қўшиқ узилди. Отларнинг дупури эшитилди. Юрак эзгуликка қонмади.
— Тўрам! — деди самоварчи. — Тоққа чиқиб кетяптилар шекилли?
— Холиқберди тўра қайси бирлари? — деб сўради Сабоҳиддин.
— Ўзлари кўринмайдилар.

Гўё ердан қайнаб чиқаётгандай отлиқларнинг кети кўринмас эди. Самовархонадагилар фотиҳа ўқиб, аста-секин тарқала бошлашди. Қори ҳам танбурни ғилофга солди.
— Одамларнинг тинчи бузилди?
— Тўрам шаҳардан кетсалар, осойишталик йўқолади, тақсир. Тўрам кетдиларми, талончилик бошланди, деяверинг.
— Шўролар талашадими?

Самоварчи саволни эшитмагандай гапни бурди:
— Тақсир, агар ётадиган ерингиз бўлмаса, шу сўрига жой қилиб берай.

Сабоҳиддин унга меҳрибончилиги учун раҳмат айтди. Самоварчи эскироқ кўрпача, қаттиқ ёстиқ келтирди. Сабоҳиддин ёнбошлаб ётиб, акасини эслади. Ўша машъум кечада акаси билан бўлган сўнгги учрашуви кўз олдига келди...

У Маъмур бойваччага пичоқ уриб тўғри уйига югурди. Бўзахўрликдан сармаст қайтган Жамолиддин эшик оғзида турган эди. Ҳансираган укасининг қўлидаги пичоқни кўриб ҳайратда қолди. Уни тез ичкарига олди.
— Нима гап?
— Бойваччани ўлдирдим.
— Нимага?
— Оиламиз номусини покладим!
— Тентак! — Жамолиддин шундай деб укасининг юзига шапалоқ тортиб юборди. Сабоҳиддиннинг қўлидаги пичоқ учиб, ерга тушди. Ака-уканинг овозини эшитиб, уйдан дадаси чиқди. Воқеани билгач, карахтланиб туриб қолди. Бу орада кўча томонда шарпа сезилди. Эшик тақиллади. Жалолиддин юрак ютиб эшикни очди. Рўпарада Султонмуродни кўриб, саросимаси бир оз босилди. Султонмурод остона ҳатламай туриб, бош суққанича ичкарига мўралади. Ҳовли ўртасида қотиб турган ака-укаларни кўриб, манзират кутмаёқ, ичкарига кирди. Сабоҳиддиннинг яктагидан силтаб, ўшқира кетди:
— Бу нима қилганинг, гумроҳ! Қайси иблиснинг васвасасига кирдинг, бадкирдор!
— Ҳай, ҳай, жон тақсирим, деворнинг ҳам қулоғи бор-а... — Жалолиддин унинг одатини яхши билгани учун ялинишга тушди. Султонмурод ягона гувоҳ. Ота унинг оғзини ёпиш учун ҳамма нарсага рози эди. Султонмурод, анчагача поклик ва ҳаромлик ҳақида ваъз ўқиди, ора-сира Сабоҳиддинни лаънатлаб ҳам қўйди. Ниҳоят, «гуноҳга шерик бўлишга» кўнди.
— Мен сизни деб гуноҳга ботяпман, Жалолиддин. Сиздай олиҳиммат одам учун дўзах оташида куйишга ҳам тайёрман, — деди у охири, — аммо Худо йўлига бир нима атамасангиз бўлмайди.
— Тилаганингизни бераман, — деди Жалолиддин ишнинг енгил кўчганидан қувониб.
— Атаганингиз-да...
— Йўқ, ўзингиз айтинг. Жонимни сўрасангиз ҳам бераман.
— Жонингиз ўзингизга, ана, болаларингизга буюрсин. Худо йўлига қорабайирингизни атасангиз, бас.

Жамолиддин бу гапни эшитиб титраб кетди:
— Бекор айтибсиз! — деди у, тақсирни еб қўйгудек бўлиб.
— Сен тек тур, — деди Жалолиддин уни нари итариб. Кейин Султонмуродга юзланди: — Жон тақсирим, сиз отни нима қиласиз. Ахир улоқ чопмайсиз-ку?
— От менга эмас, Худо йўлига. Оллоҳ кўнглимга шуни солди. Нима қилай?

Кейинги икки йил ичида бутун Ўш, Андижону Марғилон атрофида Жамолиддиннинг қорабайири олдига тушадиган от топилмаётган эди. Қайси бир улоқда қорабайир кўриндими, тамом, манаман деган чавандозлар ҳам совриндан умидларини узадиган бўлиб қолгандилар. Қорабайирнинг баҳоси кун сайин ошиб борар, қирғизлар у ёқда туриб, Тошкентнинг этагидаги қозоқлар ҳам харидор бўлиб келавериб Жамолиддинни безор қилиб юборишганди. Султонмурод буни яхши биларди. Шунинг учун ҳам «худо унинг кўнглига айнан шу қорабайирни солган» эди. Ўткир нафаси ёки зеҳни билан эмас, хасислиги ва пасткашлиги билан ном чиқарган Султонмуроднинг бу талаби Жамолиддинни бутунлай ҳушидан айирди.
— Ҳе, ўша кўнглингга урай сени... — деб ҳезланиб кела бошлади. Отасининг ҳай-ҳайлашига ҳам қарамади. Ҳали эсини йиғиштириб ололмаган Сабоҳиддин нима қиларини билмай жойида тек тураверди.

Қишлоқ имоми эса, Жамолиддиннинг важоҳатидан қўрқиб, орқасига тисарилди. Бошини кесакига уриб олиб, салласини тушириб юборди. Жалолиддин эшикка кўндаланг туриб, ўғлининг йўлини тўсди.
— Жон болам, қўй, бу шаҳдингдан қайт. Укангни ўйла, жон болам, жувонмарг бўлмасин.

Жамолиддин шундагина хушига келди. Нима қилиб қўйди? Аччиқ устида отига жон куйдириб, укасини ўйламапти-ку?! Бу расво бир балони бошламаса эди.
— Чақиринг, олиб кетсин, — деди Жамолиддин бўғилиб. У ҳовли ўртасида мунғайиб турган укасига ботиниб қарай олмади.

Жалолиддин Султонмуроднинг изидан тушди. Аммо у қоронғи муюлишда кўздан ғойиб бўлган эди. Жалолиддин унинг изини йўқотиб, гаранг бўлиб турганда Маъмур бойваччанинг кўчаси томонда имомнинг жаранглаган овози эшитилди:
— Айюҳаннос, мусулмонлар! Айюҳаннос! Бу қандай бедодлик! Жалолиддиннинг кенжаси Маъмур бойваччани ўлдириб қўйди!

Бўлар иш бўлган эди. Жамолиддин: «Ўғлимни қочириб юбораман», деган хаёлда уйига ошиқди. Султонмуроднинг овозини эшитган ака-укалар гарангсиб ҳамон ҳовлида туришарди.
— Қоч, ўғлим, тоққа чиқиб кет. Ғор томонга бор. Эрта-индин ўзим топаман сени, — деди Жалолиддин ҳаллослаб кириб. — Қорабайирга мин, етишолмайди.
— Ҳа, бўлақол, — деди Жамолиддин отасининг гапини маъқуллаб. Кейин отхона томон юрди-ю, дам ўтмай тўхтади. «Йўқ, қочиш фойдасиз», деди ўзича фикрлаб. Сўнг укасига яқинлашди. — Яктагингни еч.
— Нимага?
— Еч деяпман! — Жамолиддин унинг енгидан силтаб тортди. Сабоҳиддин довдираганича қон сачраган яктагини ечиб акасига берди. Жамолиддин уни кийиб, ерда ётган пичоқни олди-да, «унингни ўчир», деб кўчага чиқди. Югуриб келаётган оломон уни кўриб, тўхтади.
— Маъмур бойваччага ким қасд қилди? — деди олдинда машъала ушлаган йигит.
— Мен. Унинг қони билан номусимни покладим.
— Ёлғон гапирма. Укангни чақир!

Одамлар аста бостириб кела бошлашди.
— Яқинлашма! Келганингни чавақлайман! — деб ҳайқирди Жамолиддин. Оломон тўхтади.
— Тақсир қанилар? — деди ҳалиги йигит. Оломон орасидан Султонмурод чиқиб келди. — Қаранг, қотил шуми?

У Жамолиддинга узоқ тикилиб қолди. «Укасини сақлаб қолмоқчими? Айни муддао. Ҳам ундан қутуламан, ҳам укасини жиловлаб оламан. Қариганимда асқотади», деб ўйлади. Сўнг паст овозда: «Ҳа, шу. Қоронғида кўзим алдабди. Ана, яктаги ҳам қон. Укаси эмас, шу ўлдирган», деди.
— Қонга қон! — деди йигит.
— Зинҳор! — деди Султонмурод қўлини баланд кўтариб. — Зинҳор озор етказа кўрманг. Гуноҳи бўлса, Оллоҳнинг ўзи жазолайди. Бандага озор бериб сиз ҳам гуноҳга ботманг. Шариат пешволари унинг айбига яраша жазо бергайлар. Зинҳор қўл теккиза кўрманглар.

Жамолиддинни маҳкамага бошлаб кетдилар. Сабоҳиддиннинг дарди ичида қолди...

Шундан бери неча марта ўрик гуллади, неча марта сел келди, дунё остин-устун бўлиб кетди. Аммо оломон олдига тушиб бораётган акаси сира кўз ўнгидан кетмайди. Сабоҳиддин қилмишининг тўғри ё нотўғрилиги, акасининг не сабабдан азобларга рўпара бўлгани тўғрисида кўп ўйлади. Бироқ, калаванинг учини топа олмади...

Узоқ йўл азоби таъсир қилиб, Сабоҳиддиннинг кўзи илинган экан, отларнинг дупуридан чўчиб уйғонди.
— Тозза кутдингми? — деди Жамолиддин отдан тушар экан. — Хафа бўлма, Тўра бир оз суҳбатга тутиб қолди.
— Холиқберди тўрами? — Сабоҳиддин «янглиш эшитдим шекилли?» деб акасига ажабланиб қаради.
— Ҳа. У билан эски ошначилигим бор, — деди Жамолиддин укасидаги ҳайратни сезмай.
— Холиқберди тўра билан-а?!

Жамолиддин кулди. Илгарилари кулганда кўзлари қисилиб, юмилиб кетай дерди. Ҳозир ҳам шундай бўлган-бўлмаганини Сабоҳиддин қоронғида билолмади.
— Ҳа, Холиқберди тўра билан. Сибирда бир ушоқни бўлиб еганмиз.
— Сибирда? Холиқберди тўра Сибир қилинган эканларми?
— Холиқберди асли тўралардан бўлса ҳам жангари экан. Шунақанги жангарики, уч пахсали деворга миниб, «чуҳ» деса, девор ҳам юриб кетаркан. — Жамолиддин шундай деб яна кулди. — Ҳайит куни жиғига теккан приставни бир уриб, жойлаб қўя қолибди. Қани, юр, борайлик энди.
— Қаерга?
— Казармага борамиз.
— Қаерга?
— Аскарлар ётадиган жойга.
— Кофиру мусулмон аралаш ётаверасизларми?
— Қўрқма, сен кофирларга аралашмайсан. Юравер, менинг уйим бўлак.

Казарма Марғилоннинг кунчиқар томонида, қайси бир бойнинг ёзлик қўрасида эди. Манзилга етгунларича ака-ука бир-бирларига деярли сўз қотмадилар. Сабоҳиддин фақат ота-онасининг саломатлигини сўради. Жамолиддин уйга икки ой олдин борган экан, тайин жавоб айтмади. Казармага келишгач, Жамолиддин дарҳол дастурхон ёзиб, чой-нон олиб келди. Ака-ука бир-бирига тикилиб гапни нимадан бошлашни билмай қолишди. Афатидан, орадаги олти йиллик айрилиқ бежиз кетмаган эди. Суҳбатлари дастлаб қисқа савол-жавобдан нари ўтмади.
— Сибир деганлари дўзахнинг ўзи эмиш, шу ростми? — деб сўради Сабоҳиддин. Аслида, у: «Сибирда юриб кўп азоб чекдингизми?» деб сўрамоқчи эди. Дабдурустдан шундай савол беришни ноўрин деб билиб, гапни айлантирди.
— Дўзах эмас, — деди Жамолиддин укасининг ниятини англаб, — дўзах бўлса кошки эди, жилла бўлмаса исиниб олардик. Жуда совуқ ерлар экан. Ёзининг ҳам тайини йўқ. Лекин одам ҳар нарсага чидаркан.
— Сиз Сибирда, мен бу ерда азобда қолдим, ака. Яктагимни ечиб берганим учун ҳали-ҳали армон қиламан.
— Бу гапларингни қўй, ука. Лойқа сувлар оқиб ўтиб бўлди. Энди покиза сувларни роҳат билан шимириш пайти келди.
— Ака, ўтган ишнинг тўғри ёки нотўғри эканини Тангрининг ўзи баҳолайди. Лекин мен бир саволга жавоб тополмаяпман.
— Нимани сўрамоқчи бўлганингни билиб турибман. Сен не сабабдан қотилликни бўйнимга олганимни билмоқчисан, шундайми?

Сабоҳиддин тасдиқ ишорасини қилди.
— Сен Маъмур бойваччани менинг номусим учун ўлдирдинг. Менинг бепарволигимдан сендаги жангарилик устун келди. Бунинг учун ўзим жазо тортишим керак эди.
— Мени аямадингизми?

Жамолиддин укасининг елкасидан қучди.
— Кел, энди бу ҳақда гаплашмайлик. Бу ишда сенинг айбинг йўқ. Тақсиринг, ҳаммаси Худонинг иродаси, дейди-ку. Мана, соғ-омон дийдор кўришдик. Шунинг ўзи катта гап!

Акасининг Худони пичинг билан тилга олиши Сабоҳиддиннинг ғашига тегди.
— Ака, шўроларнинг бари худобезор, бенамозларми?
— Ҳаммаси эмас.
— Имонлилари борми?
— Ҳаммаси имонли.
— Тушунмадим?
— Имон деганинг эътиқодни англатса, сафимиздагиларнинг ҳаммаси эътиқодли. Айримлар Худога ишонишмайди. Уларнинг эътиқодлари ҳақиқатда.
— Худога ишонишмаса, охиратда...
— Улар охиратга ҳам ишонишмайди.
— Астағфируллоҳ! Одамда ишонч бўлмаса ақлдан озади!
— Бизда ишонч йўқ, деб ким айтди сенга? Бизнинг ишончимиз сеникидан мустаҳкамроқ. Биз мавҳум нарсага эмас, ўз ғояларимизга, иродаларимизга, қилаётган ишларимизнинг фойдали эканига ишонамиз. Сенларда эса бу ишонч йўқ. Сен ўз кучингга ишонасанми? Йўқ. Оллоҳдан марҳамат кутасан. Иродангга-чи? Йўқ. Тангрим берган тақдир, дейсан. Қилаётган ишингнинг фойда-зиёнини ҳам билмайсан. Охиратда худо ажратиб олади, деб жаврайверасан.

Сабоҳиддин акасига қараб анграйиб қолди. Ўнгими, тушими? Ўз жигарими бу ё акаси либосидаги шайтонми? Унинг тили танглайига ёпишиб қолгандай бўлди.
— Ҳа, оғзингга талқон солиб олдинг? Тўғри гапни тан олишга бари бир мажбур бўласан.
— Жим қолганим ризо аломати эмас. Сиздан шундай гаплар чиқишига ақлим лол. Фурсат борида тавба қилинг!
— Ҳаёт шунақа экан, ука. Азоб тортмагунча оқ-қорани танимай, кўр бўлиб юраверар экансан. Сен ҳам кўзингни оч. Худога сиғиниб юраверма.
— Ака! Менга бундай гапларни айтманг! Одам яратганига сиғинмаса, кимга сиғинади?!
— Ҳақиқатга сиғин, меҳнатга сиғин. Одамнинг бутун бахти ҳам, ҳаёти ҳам ҳақиқат билан ҳалол меҳнатда.
— Ака, демак, сиз ҳам...
— Ҳа, ишонмайман. Калима келтиравер. Яна айтаман: ишонмайман... Худо сен айтганча чиндан бор ҳам бўлсин. Арши аълода сузиб, ердаги воқеаларни кузатаётган ҳам бўлсин. Лекин унда инсоф борми? Мукофотланиши керак бўлган одамни жазолайдиган, жазога лойиқ одамнинг бошини силайдиган Худо кимга керак? Менгами? Йўқ. Сенгами? Сенга ҳам керак эмас. Лекин сен буни тушунмайсан. Мадрасада кўзингга тупроқ сочиб кўр қилиб қўйишган. Ҳа. Юзингдаги икки кўзингда нур бор. Юрагингдаги кўзларинг эса ожиз. Қани айт-чи, қайси камбағалнинг фиғонига Худо қулоқ тутди? Ҳар бир калималаринг «кароматли, шафқатли, раҳмдил Оллоҳ» деб бошланади. Хўш, биз Худога нима ёмонлик қилувдик? Қайси гуноҳларимиз эвазига бу азобларни бизга раво кўрди? Индамайсанми? Ҳа, жавоб бера олмайсан. Чунки мен ҳақман. Ҳозир миянг заҳарланган, буларни тушуниб етишинг қийин. Бора-бора менинг ҳақ эканимга имонинг комил бўлади. Биз камбағалларнинг косаси оқарсин, деб курашяпмиз. Сен ҳам камбағалнинг боласисан. Лекин сафимизга қўшилмайсан, буни яхши биламан. Мен билан бирга бўл, деб ташвиқ ҳам қилмайман. Фақат икки қулоғингга қуйиб ол: босмачиларга қўшилма. Қўшилсанг, орамизга қилич тушган бўлади. Жангда отилган ўқ ака-укани ажратиб ўтирмайди.
— Ахир, ака...
— Гапим эсингдан чиқмасин. Сен бир вақтлар оиламиз номуси учун қайғурган эдинг. Жангари эдинг. Махсимчалик сенга ярашмайди.

Бу гаплар оддий сўзлар йиғиндиси эмас, балки учи заҳарга ботирилган камон ўқлари каби эди. Бу ўқлар Сабоҳиддиннинг юрагига санчила қолса майлига эди, ўларди-ю, бу руҳ азобидан қутуларди. Йўқ, рўпарасидаги акаси эмас, акасининг қиёфасига кирган шайтон алайҳилаъна. Захарли сўз ўқлари эса Сабоҳиддиннинг миясига санчилиб, бутун вужудни ўйиб, куйдириб ўтиб сўнг товонни тешиб, ўпириб чиқиб кетяпти.

Акаси Оллоҳдан юз ўгирибди. Энди акаси иймонга қайтмаса, ундан юз ўгирмоққа мажбур. Яратганни танимай қолган инсон тирик ўликдир. Сабоҳиддин бу гапларни акасига айтмоқчи бўлди, аммо укалик ҳадди бунга йўл бермади. У пайғамбар алайҳиссаломнинг «Оллоҳни ёд қиладиган билан ёд қилмайдиганнинг ўртасидаги фарқ тирик билан ўлик ўртасидаги фарқ кабидир», деган муборак сўзларини бу онда тилга кўчирмак учун ўзида қудрат топа олмади. Буни ўз иймонининг ожизлигидан деб билиб, янада эзилди.

У ҳаж амалларида шайтонга тош отмоқлик қанчалар шарт бўлса, бу онда акасининг қалбида муҳрланган иблисга қарши исён қилмоқлик шунчалар зарурлигини ҳис қилиб, лозим сўзларни айтмоққа шайланиб турганида эшик тақиллаб, аскар йигит кирди-да, Жамолиддинни командир чақираётганини айтди. Жамолиддин анчагача йўқ бўлиб кетди. Сабоҳиддинга қуйилган чой совиди. У буткул карахт бўлиб қолди. Акасининг кирганини ҳам сезмади.
— Афсус, укажон, тезда йўлга чиқишимиз керак экан. — У шундай деб аслаҳаларини тақа бошлади. — Уйга бориб дадамга, бувимга, синглимга салом айт. Мени соғ-омон юрибди, де. Қаттиқ гапларим кўнглингга оғир ботмасин. Эртами-кечми ҳақиқатни билиб олишинг керак. Ҳозир чайналадиган замон эмас. Шунинг учун дангал-дангал гапирдим-қўйдим. — У Сабоҳиддинни бағрига босиб хайрлашди. — Шу ерда дамингни ол. Навбатчи йигитларга тайинлаб қўйдим. Айтмоқчи, — Жамолиддин жилмайди, — чойдан ич, намозхон йигитлар дамлаган. Фақат уларнинг бошини гангитиб ўтирма.

Жамолиддин шу гапларни айтиб, чиқиб кетди.

Сабоҳиддин ит азобида тонг оттирди. У калаванинг учини йўқотиб қўйган эди. Акаси, Холиқберди тўра... Қачондир ҳамнафас бўлган экан. Энди бир-бировига ёв. Ёв бўла туриб борди-келди қилади. Холиқберди тўра ислом йўлида шамшир кўтарган. Булар эса... Эртага у Холиқберди ҳузурида бўлади. Тўра албатта акасидан сўз очади. Қандай замон бўлди ўзи?.. Сабоҳиддин кўзини юмди. Қўйниларини ёнғоққа тўлдириб, кўча чангитиб юришларини эслади. Кундузи ака-ука бир бўлиб бошқа кўча болалари билан ёнғоқ ўйнашарди. Гоҳ ютиб, гоҳ ютқизиб, гоҳ ярашиб, гоҳ муштлашиб қайтишарди. Жамолиддин укасини бошқалардан ҳимоя қилиб жиққамушт бўларди. Жаҳли чиққанида эса Сабоҳиддинни ҳам аяб ўтирмасди. Оқшом чоғида икковлон ҳовлида ўйнашгудай бўлса, Сабоҳиддин ёнғоғини ютқизиб қўйиб, ғирромлик қилар, кейин йиғлар, орага онаси тушгач, ёнғоғини қайтариб олар, аммо қулоқ чўзмадан ҳам қуруқ қолмасди.

Сабоҳиддин шуларни эслаб, энтикди. Акаси унга «Миянг заҳарланган», деди. Сабоҳиддиннинг фикрича эса аслида акасининг онги заҳарланган эди.

«Чойни янгилаб берайми?» деб кирган йигит Сабоҳиддиннинг хаёлини тўзитиб юборди. Сабоҳиддин бунга ҳожат йўқлигини айтди-да, изига қайтмоққа шайланган йигитни тўхтатиб, сўради:
— Тинчликми? Бирон ерни ёв босибдими?
— Ҳа, Муҳиддин қўрбоши Ўшга ёпишибди чоғи.

Йигит гапни қисқа қилиб, чиқди. Сабоҳиддин «ёв босдими?» деганда беихтиёр шўроларни назарда тутган эди. Йигит эса айни шу беихтиёрлик билан қўрбошини тилга олди. «Ёв» дейилганда уларнинг икковлари икки оламни назарда тутдилар. Аммо Сабоҳиддин бунга эътибор бермади. Уни бошқа нарса ташвишга солди:

...демак, акаси жангга кетибди.

...демак, ҳаёти қил устида.

...демак, биттагина дайди ўқ уни кофир сифатида...

Шу фикр хаёлига келди-ю, баданига муз югурди. Шайтон васвасасидан қутқаришни сўраб Оллоҳга ёлборди. Яна акасининг жонини омон сақлашни, унга ҳидоят бермоқликни сўраб, дуо қилди. Дуо қилди-ю, бироқ, кўнглининг бир четида илтижолари ижобат бўлмаслигини сезиб, куюнди. Иброҳим алайҳиссалом кофир оталарини мағфират этмоқликни Оллоҳдан сўраганларида дуолари қабул бўлмаган экан. Пайғамбарнингки дуоси қабул этилмаса, Сабоҳиддинники нима бўлар экан? Оллоҳга таваккул қилмоқдан ўзга чора йўқ.

Сабоҳиддиннинг қулоғига кимдир пичирлагандай бўлди: «Иннаҳу ман яъти Роббаҳу мужриман фаинна лаху жаҳаннама ла ямуту фийҳа ва ла яҳяа»1. Қуръон оятлари Сабоҳиддинни титратиб юборди. У яна дуо қилди. Акасига ҳидоят ва яна ҳидоят тилади. Сўнг ўша овоз яна пичирлади: «Валлазийна кафаруу аъмалухум касараби биқийъати яхсабухуз замъану маа хатта изаа жааху ламяжидху шайъан ва важадоллаха иъндаху фаваффаху хисабиху валлоху сарийъул хисаб. Ав казулумоти фи нахри лужжийя яғшаҳу мавжун мин фавқийхи мавжун мин фавқийхи сахабун зулуматун баъдуха фавқа баъдин иза ухража ядаху ламякаду яраха ва ман лам яъжалиллоху лаху нуран фама лаху мин нурийн».2

Аслида ҳеч ким пичирламаган, Сабоҳиддинга деярли ёд бўлиб кетган Қуръони каримнинг бу оятлари беихтиёр равишда хаёлини ёритган эди.

Акаси саҳрода адашган ташна одамми? Саробни сув деб интиляптими? Қоқиляптими, йиқиляптими, аъзойи-баданлари тилиняптими? Сув деб ўйлагани саробга етиб боргач, қиёматда нимага эришади? Оллоҳнинг ҳисоб-китобига...

Сабоҳиддин шўроларнинг кучи нечоғли эканини билмайди. Аммо мақсадларидан хабари бор. Салимхўжа билан бу хусусда кўп баҳслашишган. Акасининг гапларига қараганда, Салимхўжа тўғри сўзлаган. Шундай экан, акаси саробга интилиб яшаяпти. Акаси бир-икки гап билан йўлидан қайтувчи гўдак эмас. Аммо қачондир боши деворга бориб тегади. Худони ғазабга келтирган онида ундан марҳамат кутиш қийин...

Акаси энди нурдан маҳрум этилганми, умид йўқми? Тубсиз денгиз остидаги қоронғу зулматда қолдими? Бу денгиз устини яна катта тўлқин қоплаб олганми? Зулмат устига яна зулмат... Бу ҳам етмагандай унинг устини яна булут босган... Бу зулматлар остидаги одам Оллоҳнинг нурини кўра оларми экан? Ҳатто ўз қўлини кўра олмаса... Наҳот шу азоблардаги одам унинг акаси?!

Шуларни ўйлаган Сабоҳиддин беихтиёр пичирлади:

«Нажот бер, Роббим, ўзинг ҳидоят бер акамга...»

Эртами ё индин Сабоҳиддин интилиб келгани ислом лашкарлари қароргоҳига етади. Мусулмонларга омонлик, кофирларга офат тилаб дуолар қилади. Демак, акасига ҳам... офат тилайди. Қандай бедодлик ўзи бу!..

Сабоҳиддин шуларни ўйлаб тўлғанарди...

* * *

Рҳақ биоток оқимлари маълум қилган бу воқеанинг қуруқ баёни билангина танишди. У фақат Сабоҳиддиннинг акаси билан учрашганини ва айри-айри мақсад йўлида ажрашганларинигина билади. Воқеанинг асосий баёни билан у кейинроқ, Сабоҳиддинни Кесканбел қишлоғидан топгач, танишади. Ҳозирча у уйқудан уйғонган ҳамроҳлари билан Ерга тушиш учун тайёрланиши керак. Кўп ўтмай ясси кемадан олти кичик кемача ажралиб, одам қиёфасига кирган тангликларни Ер сари олиб учади. Рҳақнинг кемаси аввалгидай Қизилқум марказига қўнади. Унинг ихтиёрида Ер ҳисобича, роппа-роса бир йил вақт бор. Шу бир йил ичида у Танг билан ҳам, Ернинг бўлак нуқталарига тушган ҳамроҳлари билан ҳам алоқа қилмай, мустақил иш кўриши мумкин. Марказнинг белгиланган режаси шундай. Рҳақ биринчи галда эски танишларини излаб топиши керак.

Девона

Рҳақ шаҳарга яқинлашгач, хароба деворни кўриб кўзларига ишонмай қолди. Ер вақти билан йигирма йилдан зиёдроқ вақт ичида кўркамлашиш ўрнига ортга кетган шаҳарнинг манзараси уни беҳад ажаблантирди. Рҳақ одамларнинг юриш-туришига қараб кўп нарса ўзгарганини сезди. Шунинг учун ҳеч ким билан ҳамсуҳбат бўлмай, шаҳар айланди. Бухоро сиртдан қаралса, айтарли ўзгармаган эди. Лукн тик чиқиб тушган минора ҳам ўшандайича турибди. Йўқ, шарафаси сал-пал емирилибди. Нимадир урилганга ўхшайди. Сабоҳиддин ўқиган мадрасадан файз кетган. Муллаваччалар кўринмайди. Ҳужраларга ямоқчилар жойлашибди. Ҳовуздаги сув анча тиниқлашибди. Атрофга ёғоч сўрилар қўйилган. Одамлар чой ичиб, гурунглашиб ўтиришбди. Одамлар зоҳиран осойишта эдилар. Ботинан эса ҳадик ва алам ёғида қоврилиб яшардилар. Кулгу билан кўз ёшлари қоришиб кетган эди. Рҳақ уларга яқинлашиб, гурунгларига қулоқ тутди: улар ўзлари ҳақида эмас, Испаниянинг тақдири, финлар билан тузилган битим, Гитлернинг мақсадлари ҳақида, пахта, янги трактор хусусида суҳбат қуришарди. Бу гапларни эшитиб Рҳақ Салимхўжани, унинг орзуларини эслади. Демак, Салимхўжа айтгандай бўлган! Рҳақ шундай кун келишини, ўшандаёқ билган эди. Дарвоқе, Салимхўжа бормикин? Амир чангалидан омон чиқдимикин? Рҳақ ўрнидан туриб, Салимхўжа яшаган уйни қоралаб кетди. Шаҳарнинг кунботаридаги жинкўчага жойлашган болохонали уйга яқинлашиб, очиқ эшикдан ичкарига қаради. Торгина ҳовли болалар билан тўла. Рҳақ янглишдиммикин, деб ўйлаб орқасига тисарилди. Йўқ, ўша уй. Фақат эшик пештоқига лавҳа қоқилибди. «Ибтидоий мактаб...»

У нима қиларини билмай турганда эшик оғзида кўзойнак таққан, тепа сочи тўкилган бир киши кўринди. У рўдапо чопон кийган, бурни беўхшов — катта, қулоқлари эса кичкина, букчайиброқ турган, баланд бўйли Рҳаққа бошдан-оёқ разм солди. (Ердаги эски танишлар билан алоқани тикланиши осон бўлсин учун Рҳақ аввалги генетик код асосида одам қиёфасига кирган эди.)
— Биродари азиз, сиз кимни йўқлаб келдингиз?

Рҳақ жавобга тараддудланди. Кейин муддаосини айтди.
— Асадовми? — кўзойнакли кишининг юзида хавотир уйғонди. — Билмайсизми ҳали?
— Нимани?
— Асадов — халқ душмани, отишга ҳукм этилган,— кўзойнакли киши кейинги сўзларни қарийб пичирлаб айтди-да, кўчага чиқиши лозим бўлса ҳам қайтиб ичқарига кирди.

Рҳақ жойида ҳаракатсиз туриб қолди. «Бу одам нималарни валдирайди, — деб ўйлади у, — Асадов халқ душмани? Асадов отилган? Ахир, Асадов амир замонидаги баҳсларда шундай жамиятни орзу қиларди, энг одил жамият шундай бўлади, деб тортишарди-ку? Ҳамиша камбағалга қайишар эди-ку? Уни нима учун отдилар, нима учун халқнинг душмани деяптилар? Нима учун номини тилга олишдан чўчияптилар? Мана бу одам дилида: «Асадов халқпарвар одам, яшаб турган бу уйини йигирманчи йилда болаларга топшириб ўзи кулбасифат уйга чиқиб кетган, бор мол-мулкини ўз ихтиёри билан сўнгги тангасигача топширган», деяпти. Тилида эса ўзга гап. Бу нимадан дарак беряпти? Лукннинг башорати тасдиқланяптими? Тили бошқа, дили бошқа халқ тараққиёт йўлига ўта оладими? Ҳозир бирмунча илгарилагандай туюляпти. Лекин қўрқувга асир бўлган бу одамлар хасдан тикланган уйчани қаср деб фараз қилсалар, яқин келажак даврнинг аёвсиз шамоли бу хасларни учириб, уйчани вайрон қилса-чи? Бу одамлар жар сари бораётганларини англаб ета олармикинлар? Англаб етган онлари вақт ёниб адо бўлмасмикин?»

Рҳақ шу саволларга жавоб ахтарарди. Унинг онги олий даражада бўлса-да, ҳозир жавобга ожиз эди. Саҳрода сувсаб, ҳолдан тойган, ўлим ҳақ эканига ишонаёзган одам кўзига лайли сочларини ёйиб олган мажнунтол, унинг пойида эса сувга лим-лим тўлган ҳовуз кўринса, бечорага ғойибдан куч-қувват қайтади. Ер тирнаб эмаклайди, неча бор ҳушдан кетади, ўзига келиб яна тиришиб эмаклайверади. Сўнг... ўша лайлисочли мажнунтол, ўша сувга лим-лим тўла ҳовуз сароб эканини англайди-ю... Рҳақ ҳозир ўша ташна одам, ўша саробга қараб борган бечора аҳволида эди. У умиди дарз кетган ҳолда изига қайта бошлади. Ҳовузга етмай, ўнгга бурилиб, Шоазизнинг уйини қоралаб кетди.

Эшик ичкаридан тамбаланган экан, Шоазизнинг ўзи очди. У анча тўлишган, қорин қўйган, устида оқ кўйлак, оқ шим (Рҳақ шаҳарда юриб, шу кийимнинг расм бўлганини сезган эди), соқол-мўйловини эса қирдириб ташлаган эди. У «Табиб афанди»ни таниса ҳам, танимаганга олди.
— Келинг, ота? — деди у ҳадик билан.
— Сизни бир кўриб кетай деб келдим. — Рҳақ Шоазизга қаттиқ тикилди.
— Танимайроқ турибман? — деди Шоазиз ундан кўзини олиб қочиб.
— Мен... Табиб афандиман. Уйингизда турар эдим...
— Табиб афанди? — Шоазизнинг ранги бўзарди-ю, остона ҳатлаб кўчага чиқди. Атрофга олазарак қаради. — Нимага келдингиз? Сизни биров юбордими? Чучварани хом санашмасин! Бориб айтинг: сизни танимайман. Сизлар билан ҳамтовоқ бўлмаганман. Амир замонида ҳам сиздайин афандиларни кўрарга кўзим йўқ эди, ҳа! Менинг эътиқодимни ҳеч ким буколмайди. Бориб айтинг сизни юборганларга! — Шоазиз шундай деб жазавага тушаёзди. Рҳақ бу гапларга эътибор қилмай қаттиқ тикилганича унинг фикрини ўқий бошлади. Шоазиз баттар саросимага тушди: — Менга бундай тикилманг. Жўнанг! Бу ерда қорангизни кўрмайин! — У шундай деб ҳовлисига кирди-да, эшикни шартта ёпди.

Рҳақ эса турган еридан жилмади. Бир оннинг ўзида Шоазиз вужудида яширинган ҳақиқатни билиб олди. Рҳақ ўша дамлардаёқ Шоазизнинг эътиқодсиз эканини башорат қилган эди. Агар Ердан икки-уч одам олиб чиқиб кетишга рухсат берилганда эди, биринчи галда шу Шоазизни мўлжаллаган бўларди. Рҳақ уни дастлаб кўргандаёқ: «Тангбоп одам экан, олиб чиқиб кетсам, ерликлар битта эътиқодсиз одамдан қутуларди. Бунинг ярамас одатлари бошқаларга юқмас эди», деб ўйлаган эди. Фикри яна тўғри чиқди.

У изига қайтмоқчи бўлиб беш-олти қадам бос- ди-ю, тўхтади. Аслида, Рҳақни бу кўчага бошлаб келган куч фақат Шоазиз эмас, балки Назирани кўриш иштиёқи ҳам эди. Аммо нима учундир қиз билан учрашувга юраги дов бермади. Ерга учишга тайёргарлик кўриб юрганида яқинлари билан бўладиган учрашувларни турлича тасаввур қиларди. Айниқса, Назирани кўришни.... Ўйлаганлари амалга ошмайдиганга ўхшайди. У шу ҳадик билан Назиранинг эшигидан узоқлашаётган эди, аммо кўп юролмади. Изига қайтиб, икки тавақали эшикни тақиллатди. Эшикни йигирма беш ёшлар чамасидаги жиккак йигит очиб, рўдапо кийимдаги нотаниш одамга ажабланиб қараб қолди, ҳатто салом беришни ҳам унутди.
— Мен Зокир акани йўқлаб келган эдим, — деди Рҳақ унинг ажабланиб турганини сезиб.
— Зокир ака?
— Ҳа, бу ерга келмаганимга ҳам кўп йиллар бўлди. Назира деган қизлари... Шамси деган ўғиллари бор эди...
— Э, Зокир отами? У киши оламдан ўтганларида мен ҳали эсимни танимаган эдим.
— Ўғиллари-*чи?
— Тўхтамурод ака... Иброҳимбекка қўшилганлари учун қамалиб кетганлар.
— Назира-чи?!
— Назира опамми? Менинг янгам бўладилар. Акамнинг оилалари. Ҳозир Тошкентда туришади.

Йигит нотаниш кимса юзидаги изтиробни сезиб, уни ичкарига таклиф қилди. Рҳақ ҳовлига қадам қўй-ди-ю, аммо уйга кирмади. Торгина ҳовли ўртасидан ўтган ариқ ҳали ҳам тўлиб оқади. Аммо бир туп ўрик қирқиб ташланган. Ердан икки қарич кўтарилиб турган тўнканинг уст қисми чирий бошлаган. Рҳақ шу ҳовлида, шу ариқ лабида Назира билан учрашувини кўп марта тасаввур қилган эди. Ҳозир ҳовли ўртасида тик турган ҳолда, йигитни ҳайратда қолдириб, нигоҳини сарсари кездирар, Назирани изларди. Назарида, киприклари қуюқ қиз ҳозир қўлида китоб ушлаган ҳолда уйдан чиқиб келадигандай эди...

Рҳақ бир неча кун Бухорода бўлиб, ўзгаришларнинг барчасини фаҳмлаб олди.

Энди у «Табиб афанди»нинг «куни тугаганини» биларди. Шунинг учун кийимларини ўзгартириб олди. Одамларга яқин бўлиш учун яна табобатни танлади. Рҳақ палапартиш узатилаётган биоток оқимига қараб Сабоҳиддиннинг Ўш қасабаси яқинида яшаётганини Ерга тушмаёқ аниқлаб қўйгани учун ҳам кўп адашмади.

У Фарғона водийсини қоралаб борар, ариқлар лабида чайқалиб турган терак-толларни кўрганида ҳам, шарқираб оқаётган сой бўйида дам олганида ҳам, булоқ сувидан симирганида ҳам, кенг далани кўриб кўзи қувонганида ҳам Тангни эсларди. «Ҳар ҳолда Танг ҳам қачондир шундай бўлган», деб қўярди. Учраган қизларни Назирага ўхшатиб, юраги ўртанаверарди. Аввалига Тошкентга бориб, Назирани излаб топмоқчи ҳам бўлди. Аммо қизнинг яраларини янгилаб қўймай деб чўчиди.

Рҳақ Ўшда узоқ қолмай Кесганбелга бораверишдаги каттароқ қишлоққа келиб тўхтади. Ҳовуз атрофида бош эгиб турган мажнунтол соясидаги сўрига ўтирди. Шаҳарча кийинган, ўзбекка унча ўхшамайдиган бу одамни самоварчи дарров сезиб, тоза кўрпача кўтарганича шошилиб келди. Кейин озода дастурхонда қанд-қурс ҳам пайдо бўлди.

Бир пайт кўчанинг нариги бетидаги пастқам бинонинг эшиги шашт билан очилиб, этдор бир киши кўринди. Агар у: «Қўлингдан келса юрит-да, бу ишни!» деб бақирмаганида Рҳақ унга эътибор ҳам бермаган бўларди. У эшикни қарсиллатиб ёпиб, этигининг қўнжига қамчи билан уриб қўйди-да, чойхона томон юрди. Рҳақ унинг кўзларидан, юришидан жиззакироқ одам эканини сезди. Этдор киши чойхонага яқинлашди-да, беписандлик билан овозини баландлатиб: «Қани, тоға, яхнадан олинг», деди.
— Ҳа, раис бува, бўғилиб чиқдингиз? — деб сўради самоварчи унга катта сопол пиёлада яхна чой узата туриб.
— Э, бўғилмай бўлами! Бу занғарнинг китобида Кесганбел йўққа ўхшайди. Битта дўхтир бергиси келмайди. Тошкандан одам келармиш, мен кутармишман. Гапини қаранг. Мен раис бўламан-у, унинг нозу фироқига қараб ўтираманми. Тошканидан ўнта дўхтирни бошлаб келиб Кесганбелга ўтқазиб қўйиш қўлимдан келмас эканми? Кимлигимни билмайди-да, бу энағарлар.

Самоварчи бу гапни эшитиб, Рҳақни имлаб кўрсатди. Раис Рҳақга пича тикилиб қаради-да, пиёлани қўйиб, унга яқинлашди.
— Меҳмон, сиз дўхтир эмасмисиз? — деди бу сафар бир оз юмшаб.
— Ҳа.
— Кесганбелга кетяпсизми?
— Топдингиз.
— Топмай-чи! Мен бир қарашда биламан одамни. Тошкандан келяпсизда, а?
— Йўқ.
— Йўғингиз нимаси?
— Мен урушдан қайтяпман. Карелияда ўпкамни совуққа олдирибман. Энди тоғли жойнинг ҳавоси покиза, қимизи кўп бўлади, деб келяпман.
— Дўхтирмисиз, ахир?
— Ҳа, ишонмасангиз синаб кўринг. Кўрсатай десам ҳужжатларим йўқ. Йўлда ўғирлатиб қўйдим.
— Ўғирлатиб қўйдим, денг?.. — у Рҳаққа синовчан тикилди. — Урилганларданмасмисиз?
— Синаб, текшириб кўринг, деяпман-ку. Қани, қўлингизни беринг. — Рҳақ уни билагидан ушлаб, кўзига тикилди. — Томир урушингизга қараганда қабзиятдан озор чекасиз. Бошингиз оғриб туради. Ҳозир ҳам оғриқ қўзғаляпти.
— Тўғри! — раиснинг кўзлари чарақлаб кетди. — Тўппа-тўғри! Э, юринг, менга ҳужжат-пужжат керакмас. Ҳужжат дегани анови занғарларга керак. Мен улардан рухсат сўраб ўтирмайман. Аммо... ҳеч ким билмасин, а?

Рҳақ жилмайиб, маъқул ишорасини қилди.
— Ҳужжатингиз бўлмаса, исмингиз бордир?
— Ҳа, бор. Исмим Мирзақаюм. Мирзақаюм Тўхтамирзаев.
— Бўпти, қишлоқчасига Мирзавой, деяверамиз. Маъқулми, кетдик.

Рҳақ — Мирзавойнинг беулов эканини билган раис толга боғлоқлиқ отлардан бирини ечди.
— Ўзимизнинг йигитларники, минаверинг. Улар арава-парава қилиб бораверишади, — деди.

Рҳақ ишнинг осон кўчганидан енгил тортиб, отнинг жиловини олди.

Узангига оёқ тираб, эгарга қорнини берганича, бир амаллаб минди. Аввалги сафар Ерга келганида уч-тўрт бор от минган бўлса-да, ҳали чавандозликнинг бисмиллосини ҳам ўрганмаган эди. Унинг беўхшов ҳаракатини кузатиб турган самоварчи билан раис ўзаро кўз уриштириб, жилмайиб қўйишди.
— Аслида эшакка минишингиз керак экан, — деди раис йўлга тушишгач.
— Нимага?
— Чайқалиб кетаётганингизни кўрган киши бу одам тозза маст, деб ўйлайди. Бу аҳволда йиқилиб тушишингиз ҳеч гапмас. Эшакка минганингизда, йиқилгудай бўлсангиз, оёғингиз узун экан, ерга тираб туриб олардингиз. Эшак оёғингиз остидан бемалол ўтиб кетаверарди.

Раиснинг бўйга ишора қилиб айтган ҳазил гапи маъқул келиб, Рҳақ кулди. Раис сергап эмас экан. Бу Рҳаққа қўл келиб, унга кўз тикканича яширин фикрларини ўқий бошлади: бу одам бир оз тажанг, бир оз ўжар, қўполгина. Аччиғи келганда отасини ҳам аямайдиган тоифадан. Мақтанишни хуш кўради. Фаросат бобида бир оз ғариб. Колхози анча бадавлат. У колхозни яна ҳам бой қилишни истайди. Шу ниятда колхознинг чўпини бировга олдирмайди. Оқибатда кўпнинг кўзига ёмон кўринади. Аммо ўзи ҳам нафсини тийгани учун унга отилган тош бориб тегмайди. Колхозга манфаати бор, деб ишонтирилса, Қуёшни Ерга олиб тушишга, агар зарарли эканига иқрор этилса, унинг юзига қора булут торттиришга тайёр одам. Ҳар ҳолда, фикри беқарор бундай раҳбардан қўрққулик. «Компютерга ўхшаб кетаркан, — деб ўйлади Рҳақ ундан нигоҳини узмай. — Компютер хотирасига сингдирилган ҳар бир ишни сўзсиз бажаради. Бу раис ҳам шундай. Колхозни бойитаман, деб одамларни хонавайрон қилиши ҳеч гапмас. Унга тўғри гапни тушунтириш қийин. Афсуски, одамлар бир-бирларининг фикрларни ўқий олмайдилар. Йўқса, бу одамни раисликка сайлашмас эди. Колхозни сермулоҳаза, кўпроқ эртани ўйлайдиган, оғир-босиқ одамга топширишган бўлишарди. Йўл қўйилаётган қанчадан-қанча хато юз бермасди. Ажаб, онгли мавжудот учун арзимас бир иш — биоток оқимига асосланган ҳолда маълум масофада туриб бир-бирининг фикрини ўқий олмаслик қанчалар даҳшатли оқибатларга олиб келиши мумкин-а? Инсониятнинг мана шу арзимас ожизлигидан қанчалар одам фойдаланиши, сиртдан яхши кўриниб, разил ниятларини пинҳона амалга оширавериши ҳам мумкин.

Бухородан Фарғонага келгунга қадар Рҳақ кўп софдил одамларни учратди. Уларнинг гапларини эшитиб дили яйради. Одамлар билан ҳамсуҳбат бўлиб Тангдаги ҳиссиз, туйғусиз юртдошларини эслади. Мана бу раисни учратиб, яна Танг кўз олдига келди. У ерда ҳам ҳиссиз, туйғусиз кимсалар аввал кўп бўлмаган. Кейин томир ота борган. Ерда яхшилар билан бирга ёмонлар ҳам бор. Ёмонлари кам. Аммо кўпайиб кетармикин булар? Одамлар қора ниятлиларга, бераҳмларга барҳам бера олармикинлар?

Рҳақ шу ўйлар билан Кесганбелга етди. Баланд тоғнинг ёнбағрига жойлашган қишлоқда оқшомги бесаранжомлик зоҳир эди: ўчоқ мўриларидан тутун кўтарилади, подадан қайтган бузоқлар елинга етишолмай бўзлайди. Оналар болаларини, болалар оталарини чақирган... Қишлоқнинг шу кўринишида, шу ҳаракатида ажиб бир покизалик, бедорлик бор эди. Рҳақ буни дарров сезди.

Икки туп баҳайбат чинорга ёндош солинган равонли самовархона олди сайҳонлик, ўртага доира шаклида гулзор қилинган. Равонда ўтирган беш-олти чойхўр раис билан меҳмонни кўриб, ўринларидан туришди.
— Ҳа, ўтирибсизларми? — деди раис уларнинг саломига алик олиб. Кейин овозини кўтариб «Асқарали тоға!» деб чақирди.

Ичкаридан паст бўйли, чўтир юзли киши шошилиб чиқди.
— Мана, дўхтирни бошлаб келдим. Раис жон куйдирмаса, оғизларингизга пашша қўндириб ўтираверасизлар. Ҳамма нарсага раис балогардон. Чой-пой қилиб, дўхтирни жойлаштиринг. Эрта-матан ўзим хабар оламан. Ҳа, отни қантариб қўйинглар, эгаси олиб кетар.

Раис шундай деб, Рҳақ билан хайрлашди-да, отини юқорига ўрлаган йўлга солди. Рҳақ ажабланиб туриб қолди. Меҳмоннинг хижолатда турганини сезган Асқарали югуриб келиб кўришди-да, жиловни қўлидан олди.
— Хафа бўлмайсиз, меҳмон, раисимиз шунақалар,— деди. Бу орада равондагилар ҳам пастга тушиб, Рҳақ билан омонлашдилар. Тирсак шаклидаги чойхонанинг кунчиқар томони икки уй бир даҳлиздан иборат шифохона экан. Рҳақ шу ерга жойлашди.

Эртасига саҳар чоғи самовархона биқинида ўтин ёраётган девонаваш одамни кўриб Рҳақ бир сесканди: мўйловлари оқариб кетган бу одам Сабоҳиддин эди! Шундагина у биоток оқимларининг нима учун пала партиш бўлиб қолганини англади.

Рҳақ кун бўйи самоварда беиш ўтирди. Девона ҳам кунини шу атрофда ўтказаркан. Рҳақ одамлар эътиборини жалб қилмаслик учун унинг ҳаракатларини «лоқайд» кузатди.

Оқшомга яқин раис хушсурат бир жувонни бошлаб келди.
— Сабохоннинг ҳамшираликдан пича хабари бор, вақт-бевақт сизга кўмак бериб туради, — деб гапни калта қилди-ю, изига қайтди.

Рҳақ жувонни гузарда кўргандаёқ тахтадек қотган эди. Жувоннинг қадди, думалоқ қора кўзлари, қуюқ киприклари Назирани эслатди. Рҳақ Ерда шунча юриб бир-бирига бунчалар ўхшаш икки одамни энди кўриши эди. Фақат, Назира қоратўридан келган, бу жувон эса сариққа мойил эди. Демак, Сабохон унга ёрдамчи. Демак, уни ҳар кўрганда Назирани эслайди. Хаёли ҳамиша ўша қиз билан банд бўлади...

Сабохон янги докторнинг тикилиб қарашидан ўнғайсизланиб, нима қиларини билмай қолди. «Мунча қарайди бу киши, ё ёқам очилиб қолибдимикин», деган ўйда кўйлагининг ёқасини ушлаб қўйди. Дуррасини пешонасига бостириброқ тортди. Рҳақ жувоннинг хижолат тортаётганини сезмади. Асқарали Рҳақдаги ўзгаришни, жувондаги тараддудни пайқаб, орадаги ўнғайсизликни қувиш учун:
— Қизим, уйингга боровур, кеч бўлиб қолди, ишни эрта-матан бошларсан, — деди.

Рҳақ шундагина хаёлини йиғди.
— Ҳа, ҳа, бораверинг. Бугун қиладиган иш ҳам йўқ, — деди у шошилиб.

Сабохон эшитилар-эшитилмас «хайр», деди-да, пастга тушиб кетди. Ана шу «хайр» деган майин овоз— Назиранинг овози энди Рҳақнинг шундай орқасида пичирлади:

«Ўқунг ҳар лаҳзаким, жоним дилар, кўнглим қилар афғон...»

«Энди мен учун ҳар лаҳза оташ азоби бўлади, — деб ўйлади у. — Ишқилиб, вужудимда пайдо бўлаётган ғалати ҳисларнинг қули бўлиб, асосий мақсадни унутиб қўймай. Нима учун Назирани эслаяпман? Кўришганимизда менга деярли гапирмаган. Бирон-бир ваъда ҳам бермаган. Уни эслашимдан нима фойда? Унутишим, ҳа унга боғлиқ ҳар қандай хотирани унутишим керак. Назира — мен учун йўқ одам. Унинг овози ҳам, ғазаллари ҳам, чеҳраси ҳам йўқ...»

Шу лаҳзадан бошлаб Рҳақ бутун диққатини тўплаб, хотираларини унутишга киришди. Назира ёдига тушиши билан уни хаёлидан қуваверди. Сабохон келгандан кейин ҳам фақат иш ҳақида ўйлашга тиришди. Шу сабабли жувон билан дурустроқ гаплашмади ҳам.

Икки кун шифохонани тартибга келтириш билан ўтди. Сувоғи кўчган жойларни сувашди, оқлашди. Сабохон дераза ойнакларини ювиб, оқ пардалар тутди, ҳовлини ўтдан тозалади. «Майда-чуйда» ишларга Рҳақнинг уқуви йўқ эди. Шунинг учун жувонга ёрдамлашди.

Учинчи куни раис кутаётган врач ҳам келиб қолди. Паст бўйли, этдор, юзидан самимият ёғилиб турган бу йигит дарров Рҳақнинг диққатини тортди, у билан ҳамнафас яшашидан севинди. Дилмурод оиласи билан келгани учун Асқарали уларни ўзининг уйига жойлаштирди. Раис аввалига Дилмуроднинг ташрифидан норози бўлди. Чунки Рҳақ унинг дилига ўрнашган, энди бошқасини хушламас эди. Аммо Дилмуроднинг узоғи билан бир-бир ярим йилдан сўнг яна ТошМИ ихтиёрига қайтиб кетажагини билгач, бу ерда ишлашига қаршилик билдирмади. «Кесганбелда иккита дўхтир бор экан», деган гап тарқалишини ўйлаб, керилиб ҳам қўйди.

Дилмурод келган куннинг эртасига Рҳақ Девонага яқинлашди. Тўғрироғи, бунга Дилмуроднинг қизи Умида сабаб бўлди. Воқеа юз берган вақтда улар раиснинг қабулида эдилар, тафсилини кейинроқ эшитдилар.

Ўша тун жала қуйди. Тонгга бориб қора булутлар камбағалнинг кўрпасидай бўлиб қолди. Жалада саваланиб, шумшайган табиат гуноҳкорона сукут билан қуёшнинг кўтарилишини кутди. Уфқ ёришиши билан Кесганбел уйғонди. Энг аввал гузарда жонланиш сезилди. Асқарали тараша ёриб, самоварга ўт ташлади. Кейин сой бўйлаб юқорилаган яккатовон кўчада оқ эшак минган қария кўринди. Эшак лой сачратиб келиб чойхона олдида тўхтади. Қария шошилмай тушиб, тош зина билан юқорига кўтарилди. Яктак кийиб, қўшбелбоғ боғлаган Асқарали уни қаршилаб, қуюқ сўрашди-да, ичкарига таклиф қилди. Қария унинг лутфига миннатдорчилик билдириб, панжаралари тўқ яшил рангга бўялган энсиз сўрига ўтирди. Юзига фотиҳа тортиб, белидаги чорсини ечди-да, дастурхон ўрнида ёйиб, яримта нонни ўртага қўйди.

Сув қайнаганда самовархона одамга тўлган эди. Тўпланганлар узоқ гурунг қилиб ўтирмай тез тарқашди. Гузар бир оз бўшаб қолди. Кун ёйилиши олдидан яна гавжумлашди. Шу пайтда кечадан бери кўринмаётган Девона пайдо бўлди. Одамлар унга қараб қўйдилару эътибор бермадилар. Бир маҳал катта қайрағоч атрофида ивирсиб юрган Девона бақирди. Барзанги йигит сўкинди. Кейин нотаниш қизчанинг овози келди. Ҳамма шу томонга қаради:
— Урманг! — деди қизча алам билан. Сўнг ёнида турган кишини енгидан тортди-да, унга нажот кўзи билан боқиб, ёлборди: — Амаки, айтинг, урмасин!

Воқеани лоқайдлик билан кузатаётган киши қизчанинг бошини силаб қўйди. Аммо жойидан жилмади. Қизча атрофидаги одамларга бир-бир қараб чиқди. Баъзилар кулимсираб, баъзилар ачиниб, баъзилар эса аччиқланиб турар, қийиқ кўзли йигит чангалида азоб чекаётган мўйловли Девонага ёрдам беришни ҳеч ким ўйламасди.

Қизча бир зум довдираб турди-да, охири чидаёлмай, югуриб бориб йигитнинг қўлларига ёпишди: «Урманг! Нимага урасиз?!» — деб қичқирди. Йигит жаҳл билан бир силтаган эди, қизча чалқанчасига йиқил-ди.

Шундан кейингина одамлар йигитнинг қўлларини қайириб: «Эсинг борми, болада нима гуноҳ!» деб уни койиган бўлдилар.

Тўпланганлар Девонанинг айбсиз эканини яхши билардилар. Лекин унга ёрдам беришга одатланмаган эдилар. Девона ўрнидан туриб, атрофдагиларга қўрқув кўзи билан қараб, ғалати овоз чиқарди. Одамлар сергакланиб, «Яна ташланиб қолмасин», деган хавотирда орқага тисарилдилар. Аммо у ҳеч кимга тегмади. Аламли бақирди-да, юқорига, қабристон томонга қараб кетди.

Қизча унинг изидан бир оз қараб турди. Кейин ҳали йиқилганида кўтариб олиб, меҳрибонлик қилаётган аёлнинг қучоғидан юлқиниб чиқди-да, жабрдийданинг орқасидан югурди. Бироқ узоққа боролмади. Тутиб олишди.
— Кимнинг қизи экан, батликка ўхшамайди? — деди аёллардан бири.
— Янги дўхтиримизнинг боласи, — деди Асқарали шошилиб пастга тушаётиб.
— Қайси бириники, кейин келганиникими?
— Ҳа, Дилмуродники. Бизникига тушишган. Сабохон, қизим, сен олиб бориб қўя қол, — деди Асқарали орқасидан келаётган жувонга қараб.

Сабохон маъқул ишорасини қилиб, қизчани кўтариб олди-да, самовархона яқинидаги кўчага юрди.

Гузардан сал нарироқдаги, лойшувоқ устидан оқлаб қўйилган уй Асқаралиники эди. Аёл, бу уй яқинига йўлаш у ёқда турсин, узоқдан кўзи тушса ҳам юраги ғалати бўлиб кетар, бирров кириб-чиқишга баҳона излаб юрарди. Бугун баҳона оёқ остидан чиқди. Шундан қувонибми, қизчани суюб-эркалаб ичкари кирди. У ҳовли ўртасида турган нотаниш жувонни кўриб, «онаси шу бўлса керак», деган ўй билан унга яқинлашди.
— Эгачи, ширинчангиз гузарга ўйнаб чиққан экан...
— Вой ўлмасам, уйда ухлаб ётган эди-ку! — Жувон Сабохон билан сўрашишни ҳам унутиб қизчасини ёлғондан койиди. Аёл она-болага бир оз кулимсираб қараб турди. Сўнг бўлган воқеани қисқача баён қилиб, ўзини таништирди-да, меҳмонни уйига таклиф этиб, орқасига қайтди. Унинг тўрдаги уй тарафга қараб-қараб қўйганини жувон сезди.
— Сен аралашиб нима қилардинг, ғиртмак, у жинни экан-ку, — деди она қизнинг шилинган тирсагини юва туриб.
— Ким? — деди қизча бурнини тортиб.
— Ким бўларди, ўша мўйловли киши-да.
— У жиннимас.
— Ҳа, бўпти. Жинни бўлмаса жиннимасдир. Сен катталарнинг ишига аралашма. Айб бўлади.
— У жиннимас, — деди қизча ўжарлик билан. — У яхши киши. Урган одам жинни.
— Бўлди, жоним, бўлди. Жиннимас, дедим-ку. Қани юр, уйқинг чала бўлибди. Яна бирпас ухлаб ол.

Қизча шифтга қоқилган гулли қоғозга тикилиб ётди. Гузардаги воқеа яна хаёлидан ўтди. У ўрнидан турди-да, дераза пардасини кўтариб, аста ташқарига қаради. Онаси кўринмади. Шундан сўнг эшикни очиб ҳовлига, ундан лип этиб кўчага чиқди-да, аввал гузарга, ундан Девона кетган тепаликка қараб юрди. Йўл қизчани қабристонга олиб борди. Қизча қўш қайрағочга яқинлашгач, қўрқиб тўхтади. Атрофга олазарак қаради. Сал юқорироқдаги бостирма олдида ўтирган Девонани кўргач, сал дадилланиб, ўша томон юрди.

Девона ҳужраси ёнидаги харсанг устида маъюс ўтирарди. Аммо қизчани кўриши билан чеҳраси ёришди.
— Бурнингиз оғрияптими? — деди қизча унинг рўпарасига чўнқайиб. Девона жавоб ўрнига кулди. Унинг меҳрибонлигидан қувонди. — Менинг манови ерим қонади, — деди қизча тирсагини кўрсатиб. — Битта ҳам йиғламадим.

Девона титроқ бармоқлари билан унинг тирсагини силади.
— Опоқ, опоқ, оғримасин, — деб яна кулди.
— Сиззи отингиз нима? Меники Умида.
— Ум... Ум... У-ми-да. Умида! — девона шундай деб завқланиб кулди.
— Сиззики-чи?

Девона жим қолди. Ўйга толди. Ҳалигача ҳеч ким унга бундай савол бермаган эди. У бошқалар каби ўзининг ҳам исми борлигини билмасди. Тўғрироғи, исмини аллақачон унутиб юборганди. Умиданинг саволи унинг миясига яшин каби урилиб, чанг босган хотираларини қалқитиб юборди. Дарвоқе, исми... Унинг ҳам чиройли исми бор эди. Онаси исмини айтиб, суйиб-эркаларди. Оппоқ қор кўзига қора қон бўлиб кўринган ўша кундан бери ҳеч ким унинг исмини айтиб чақирмади. биров «Отинг нима?» деб ҳам сўрамади. Фақат шу қизча сўради...

Девона Умидага ҳайратланиб бир қаради-да, сўнг индамай ўрнидан туриб, ҳужраси томон юрди. Умида унинг бу қилиғига тушунмади. Ҳужранинг ғижирлаб очилган эшиги, Девона ичкарига киргач, ўз-ўзидан тарақлаб ёпилди. Умида унинг орқасидан бориб, эшикни итарди. Ичкари бир зум ёришди-ю, яна қоронғилашди. Туйнуклардан найзасифат бўлиб тушиб турган нур ҳужрани ёритишга ожиз эди. Умида нимқоронғи уйчанинг ўртасида чўнқайиб ўтирган Девонага яқинлашди.
— Сизга нима бўлди амаки?

Девона қимир этмади. Гапирмади ҳам.

... Умида келган куни зерикди. Эшик оғзида туриб ўтган-кетганларга қаради. Қўшни болалар калта кўйлак кийган, оппоққина қўғирчоқдай бу қизга қараб кулиб қўйишди. Умида бегонасираб, деворга суянганича тураверди. Болаларнинг биринчи бўлиб сўз бошлашларини кутди. Шу пайт муюлишдаги болалар югуриб қолишди. Кейин нариги кўчадан «Жинни! Жинни!» деган қийқириқлар эшитилди. Дам ўтмай болалар қуршовида ирғишлаб келаётган шопмўйловли, сочи устара билан қирилган, бошяланг, сарпойчан, қирра бурун Девона кўринди. Девона Умиданинг ёнидан ўтиб кетди-ю, аммо тезда изига қайтди. Чуғурлашаётган болаларни пўписа қилиб, қувган бўлди-да, меҳмон қиз қаршисида чўнқайиб, тиржайди. Болалар, шаҳарлик қиз ҳозир дод солиб уйига қочади, деб ўйлаб, Умидага тикилиб қолдилар. Умида чиндан ҳам бир оз қўрқди. Лекин сирини фош этмаслик учун ўзини мажбурлаб жилмайди. Девона бундан қувониб, қиқирлаб кулди-да, мўйловининг учларини тишлаб миёвлади. Умида унинг бу қилиғидан кулиб юборди. Қилиғи қизчага маъқул бўлганини англаган Девона ўрнидан турди-да, «Апаламза ал, ҳевамиза ҳам... Биби шапоқ, қамбар буқоқ...» деб ўйнаб, ирғишлай бошлади. Кейин гузар томон югурди. Умида чуғурлашаётган болаларга қўшилиб, унинг изидан чопди. У янги орттирган ўртоқлари билан кун бўйи Девонани эрмаклаб юрди...

...Умида жинни ҳам бирон нарсадан хафа бўлар, деб сира ўйламаган эди. Шу сабаб ҳужра ўртасида ўтирган Девонанинг бу қилмишидан чўчиб, орқасига тисарилди. Ташқарига чиқдию пастга югурди.

Сой бўйида бир оз салқинлаб қайтган Ақида қизининг ғойиб бўлганини билиб, ташвишдан ўзини қўйгани жой тополмай турганда Умиданинг ўзи кўринди. Шу бўйи қизалоқ онасининг қаттиқ назоратига ўтиб, кечга қадар ҳовлидан бир қадам силжимади.

Шомда, ўртадан дастурхон йиғилиб, Умида ухлаб қолгач, Ақида эрига унинг бугунги қилмишини айтиб берди.

Дилмурод Умиданинг «жасорати»ни Сабохондан эшитган, шунинг учун хотинининг ҳаяжонли гапларини хотиржам тингларди.
— Мен уни ухлаяпти, деб бемалол юрсам, бир жувон «Мана ширинчангиз», деб кириб келди.
— Қанақа жувон олиб келди?

Ақида эрининг қитмирлиги тутганини сезди-да, қалдирғоч қанотидан нусха олган қошларини сал чимириб: «Кўҳликкина, чиройликкина...» — деб кесатиб, бу ҳам етмагандай, «сиз боп экан», — деб қўшиб қўйди.
— Отини билмадингизми? — деди Дилмурод жилмайиб. У бир савол билан хотинининг қитиғига теккан, энди оловга жиндак мой сепмоқчи эди.
— Билдим. Ҳавохон дедими, Сабохонми, шунга ўхшаш. Кўчасини ҳам айтди. Янгангизга дарров хабар қилсангиз, келиб бир ой супуриб турардилар.
— Шугинами?
— Яна нима керак эди?
— Менга салом айтмабди-да?
— Айтди. Соғиниб-соғиниб салом, деди.
— Мана бу бошқа гап. Сиз у билан яхшироқ танишиб олинг Зерикмайсиз.
— Шунақа денг... Ўзингиз ҳам... кетганимдан кейин зерикмассиз?
— Балки...
— Қачонла танишиб олдингиз?
— Кеча, келишимиз билан.
— Йўлингизга кўз тикиб ўтирган экан-да, бечора!
— Шунақа деса ҳам бўлади... Шифохонада ҳамширалик қилар экан.
— Худо берибди. Ҳали кўзлари кесак терятувди, сизни қидирган экан-да. Бу ерга ҳам келиб турар энди.
— Кунда беш маҳал келмоқчи.
— Ҳм... менга деса минг марта келсин.
— Йўқ, фақат беш марта келади.
— Келаверсин.
— Нимага беш марта келади, деб сўрамайсизми?
— Сўрамайман. Менга нима?
— У беш марта намоз ўқигани келади.
— Намоз? — Ёлғондан аразлаётган хотин энда чиндан ажабланди.
— Ҳа... Этагимда намоз ўқийди.
— Намоз ўқишга бошқа жой қуриб кетибдими? — хотин лабини буриб кулди.
— Ҳа, қишлоқларида арзирли жойнамоз топилмас экан. «Сиз покизаликда фариштанинг ўзи экансиз», деб сиғиниб келмоқчи.

Ақида кулиб юборди. Эрига муштумини кўрсатиб, нозли пўписа қилди. Дилмурод хушсурат йигит бўлгани учун Ақида уни ҳаммадан рашк қиларди. Рашкини қанчалик пинҳона тутишга уринмасин, аёлларга хос ожизлик туйғуларини кўпинча фош қилиб қўярди. Алқисса, севишган эр-хотин учун рашк ҳам даркор. Лекин у қуюшқондан чиқдими тамом, ошга заҳар тушади, муҳаббат чинниси дарз кетади, ҳаловат бузилади. Дилмуродга Ақиданинг рашк қилиши ёқарди. Рашк аввало кучли муҳаббат белгиси. Хотин эрни қизғандими, демак, қаттиқ севади. Эр учун яна нима керак? Ақиданинг биргалашиб келиши ҳам бежиз эмас-да!

...Рҳақ Дилмурод билан Ақидани дастлаб кўргандаёқ уларнинг чеҳраларидаги паришонликни илғаган, бу ерга бесабаб келишмаганини сезган эди. Дилмурод билан суҳбатлашгач, унинг кўзларига боқиб, бошига тушган ташвишдан огоҳ бўлди. Дилмурод «Медитсина техникумини тугаллаган Мирзавой»га дарров элакиша қолмади. Танишган чоғларида ота-онасининг вафот этганларини, ўзи етимхонада тарбия кўриб, сўнг ТошМИни тугаллаганини айтди. ТошМИда профессор Раззоқов деган донишманд олимнинг этагини тутгани, унинг қизига уйлангани, руҳий хасталарни даволашда янгилик яратмоқчи эканини эса яширди. Дилмуроднинг ички сирлари бошқалар учун пинҳон эди. Аммо бу борада ҳеч қандай тўсиқ билмайдиган Рҳақ, ўша танишган кунлариёқ, профессор Раззоқовнинг туҳматга учраб халқ душмани сифатида ҳибсга олингани, оқибатда илмий изланиш учун Дилмуроднинг имкониятлари қирқилгани, қайнотасининг яқинлари маслаҳатига кириб Ақида билан хўжакўрсинга ажрашгани, «йўл қўйган хатоларини ювиш учун энг узоқ қишлоққа оддий врач бўлиб келганини» билиб олди. Ёлғондан ажралишса ҳам бу қилмишлари учун ич-этларини еб юришлари, бир-бирларига ғоят меҳр-оқибатли эканликлари Рҳақни ҳаяжонга солди. У ҳам уйланиб, хотини билан кўп йил бирга турди. Фарзанд кўрди. Аммо улар орасида ҳеч маҳал бундай яқин, илиқ муносабат бўлмаган. Эр-хотинни бир-бирига боғлаб турадиган меҳр ипи ҳам бунчалар пишиқ эмасди. Рҳақ Ерга аввал келганида хотинини кўп эсга олган бўлса-да, бироқ, вужудида унга интилувчи, ошиқувчи қайноқ куч уйғонмаган эди. Рҳақ Дилмуродни ўз ўрнига қўйиб кўрди. Йўқ, бу йигит ҳеч қачон хаста хотинини ташлаб, узоқ сафарга отланмасди. Ақиданику, айтмаса ҳам бўлади. «Ақалли уч-тўрт кун бирга турай», деб шундан-шунга келибдими, демак, эрини беқиёс меҳр билан ардоқлар экан. Агар уларга Танг шароити яратиб берилса-чи? Вужудларидаги энг самимий туйғулар ўрнига: «Юксалиш учун ишлаш, ишлаш учун юксалиш керак, бошқа нарсаларни ўйлаш, ҳиссиётга берилиш тараққиёт йўлидаги энг даҳшатли ғов!» деган тушунча сингдирилса-чи! У ҳолда Дилмурод хотини билан чинакамига ажралишарди. Ақида эса бу ерга келмасди. Умуман, уларнинг Лукндан фарқи қолмасди.

Рҳақ Ердаги турмушни кузатиб, уйғонишнинг баҳорий фасли энди бошланиб, дарахтлар гуллаган чоқда қорга тутилганини билди. У одамлар онгидаги ўзгаришларни сезган, ҳаётнинг салбий кўринишлари, Шоазизга ўхшаган кишиларнинг оқибатда зарба ейишларини ҳам билиб турарди. Бироқ, унга қадар орадан йиллар ўтиши, одамлар шу вақт мобайнида зоҳиран гўзал ва тўкин, ботинан эса асабий ҳаётнинг тирноқлари орасида кўп дард чекишлари лозимлигини ҳам тушунарди. Орзу қилгани, кутгани тараққиёт неча ўн йил ортга суриб ташлангани ҳам сир эмас эди унга. Энг нодир ақл эгалари халқ бағридан юлиб олинган. Халқ бу қўрқувлардан қутулиб яна уйғонгунча кўп вақт керак. «Бунақа воқеа ҳатто Тангда ҳам юз бермагандир», деб ўйларди у. Шуларни ўйлагани сайин баттар қайғурарди.

Дилмуроддан ажраладиган биоток оқими Рҳақни таажжубга солди. У дастлаб Салимхўжа билан Сабоҳиддинни кўрганда шу ҳолга тушган эди. Биоток оқимининг бу даражада кучли бўлиши ўша шахснинг олий идрок эгаси эканидан далолат беради. Салимхўжа буни амалда исбот этмоқчи, идрокини тўғри йўлга қаратмоқчи эди, ярим йўлда илдизига болта урдилар, Сабоҳиддин ҳам қоқилди. У адашмаганида улуғ аллома бўлиши мумкин эди. Афсуски, муҳит уни бошқа йўлга буриб юборди. Дилмурод Рҳаққа бутунлай бошқа олам бўлиб кўринди: ақл-фаросати, эътиқоди, ҳақ йўлни ажрата билиш учун унинг эътиборини тортди.

Рҳақ кўп нарсани билмайдиган киши бўлиб Дилмуродга яқин юришга аҳд қилди.

Туйғунинг Уйғонши

Тоғда тонг қушларни эмас, балки қушлар чуғур-чуғур билан тонгни уйғотади. Уфқ пича оқаргач, кунчиқарда ивирсиб юрган булутлар чеккаси қизарди. Кейин қип-қизил бўлиб қуёш кўринди. Ана шундай сеҳрли, латофатли лаҳзаларни эшакнинг ҳанграши бузди. Аввал бетоқатроғи ўпкаси тўлиб астойдил ҳангради. Кейин қишлоқнинг ҳали у-ҳали бу еридан бирин-кетин «ҳасратдош»ларнинг ҳанграши келди. Юмуши борлар ўринларидан туриб, ишларига кетдилар, бекорчилар эса, бир ғижиниб олиб кўрпани бошга тортдилар-да, уйқуни келган жойидан давом эттирдилар.

Кун ёришиши билан Асқаралининг уйида ҳам жонланиш сезилди. Ичкари уйдан аввал Асқаралининг овози келди. У хотинига нимадир деб тайинлаб, чойхонага чиқиб кетди.

Дилмуроднинг уйқуси ўчиб ўрнидан турди-да, ҳовли этагидаги сой бўйига тушди. Муздек ҳаводан вужуди энтикиб кетди. Ярим-яланғоч бўлиб ювингач, ўзини қушдек енгил сезди. Кайфияти ҳам кўтарилди. Катта харсангга суянганча қуёшнинг кўтарилишини кузатди.

«Қишлоқда ҳаёт осуда, шошилмай кечадиганга ўхшайди, — деб ўйлади у. — Шаҳарда кун қисқадек туюлади. Арзимаган ишларни ҳам бажариб улгурмайсан. Табиатнинг бундай сеҳрини кузатиш эсга ҳам келмайди. Ёки одам шаҳарга кўникиб боргани сайин табиатдан узоқлашармикан? Йўқ, бундай бўлиши мумкин эмас. Ахир инсоннинг табиатдан узоқлашиши — ҳалокат билан баробар-ку? Агар бу ҳол юз берса, одамларнинг ўзаро муносабатларигача ўзгариб, Ер ҳаёти қил устида бўлиб қолади-ку? Бунга йўл қўйиш мумкинми? Инсон табиатнинг фарзанди. Фарзанд она меҳридан узоқлашса, бу меҳрдан қонмаса ваҳшийлашади. Инсон — табиатнинг энг онгли фарзанди — ўз онаси кўксига пичоқ қадармикан? Балки баъзи эркатойларга ўхшаб онасининг жиндек хафа қилиб турар. Лекин эртами-кечми эсини йиғиб олиши шарт!»

Сойнинг нариги соҳили бўйлаб ўтган, тупроқ кўпчиб ётган кўчада оёғига эски калиш кийган, тўқим урилмаган эшакка миниб олган подачи кўринди. У Дилмуродга кўзи тушиши билан қуллуқ қилиб салом берди. Дилмурод, гарчи сойнинг шовқини босиб кетса-да, овоз чиқариб алик олди. Подачи яна қуллуқ қилиб йўлида давом этди. Ҳовлида аёлларнинг овози эшитилгач, Дилмурод изига қайтди.

То нонушта қилиб бўлишгунча кун ёйилди. Дастурхон йиғилмай туриб Умида бурама қанддан иккитасини олди-да, этагига яширди. Асқаралининг хотини буни кўриб кулимсиради. Ақида эса уятдан ёниб кетай деб эрига қаради. Дилмурод: «Қани, кўрайлик-чи, нима қиларкин», дегандек хотиржам бош ирғади. Умида, ҳаракатимни сезишмади, деб ўйлаб ўрнидан турди-да, кўча эшиги томон юрди. Шундагина Ақида ўзини тутиб туролмай ҳай-ҳайлади. Онасига эътибор бермай эшик оғзига бориб қолган Умидага аввал Дилмурод етиб келди.
— Қаерга бормоқчисан? — деб сўради у, қизини қўлидан ушлаб.
— Кўчага, — деди Умида айёрлик билан.
— Юр, бирга борамиз.
— Ўзим бораман.

Дилмурод сергак тикилиб турган Ақидага бир қараб олди-да, қизининг қулоғига шивирлади:
— Аянг билиб қолса, уйга қамайди. Мен билан чиқсанг, айтган жойингга борамиз. Аянгга «дўхтирхонага кетяпмиз», дегин.

Умида маъқул ишорасини қилиб, онасига қаради:
— Аяжон, мен дўхтирхонага борар эканман, — деди бидирлаб.

Ақида ота-боланинг ниятини англаб, норози қиёфада бош тебратди, аммо қаршилик қилмади.

Рҳақ қўл ушлашиб келаётган ота-болани очиқ чеҳра билан қаршилаб, Умидани суйиб кўтарди. Ичкаридан Асқарали чиқиб, Дилмурод билан омонлашди.

Самовархонада ҳеч ким қолмагани учун бир чойнак чойни майдалаб гурунг қилишди. Умида бу «сергап» одамлардан безиб, пастга тушди.
— Девонага қанд бермоқчи, бирга боришга ваъда қилувдим,— деди Дилмурод қизига қараб.
— Боланинг қалбидек покиза нарса йўқ бу ёруғ дунёда, — деди Асқарали ўйчан қиёфада. — Девона кўнглида меҳр уйғотибди-да, шунинг учун унга яхшилик қилмоқчи. Дўхтир иним, мени айтди дерсиз, Худо хоҳласа қизингиз улғайганда одамларга янаям меҳрибон бўлади.
— Айтганингиз келсин, Асқарали ака. Ахир, одамни одамга боғлаб турадиган нарса шу меҳр-оқибат-да.
— Шунақа-ю, аммо буни ҳаммамиз ҳам тушуниб етавермаймиз. Болалигимизда барча кўзимизга яхши бўлиб кўринади. Кейин бора-бора одамларни хилларга ажратамиз. Унисига эгиламиз, бунисини тепкилаймиз. Мана, шу Девонани қаранг. У ҳам Худонинг бир бандаси. Айтган ишингизни қилади, бировга озор етказмайди. Лекин ётиб-туриши итдан хароб. Буни ҳаммамиз кўрамизу парво қилмаймиз. Оқибат дегани бунақа бўлмайди-да.
— Асқарали ака, Девонанинг ҳеч кими йўқми?
— Йўқ. Девона бу ерлик эмас.
— Қаердан келиб қолган?
— Дўхтир иним, буни ўзим ҳам тайин билмайман. Аммо бир одамга ўхшатаман. Босмачилар даврида Норхўжанинг қароргоҳида бир муллани кўрган эдим. Новқатлик эди, чамаси. Исми Сабоҳиддинми, ё бошқами, эслолмайман, аммо ўшанга ўхшатаман. Девона колхоз тузилмасдан илгари пайдо бўлган бу ерда. Кейин уни бир аёл излаб келди. Назаримда, синглиси бўлса керак. Девона уни таниди, чамамда. Икковлашиб кетишди. Лекин йил ўтмай Девона яна бу ерга қайтиб келди.
— Новқатдан дедингизми? Бу ердан узоқми?
— Ана шу тоғнинг орқасида. — Асқарали шундай деб рўпарада қорайиб турган тоғни кўрсатди.
— Биздан олдинги дўхтир уни тузатишга уннаб кўрмаганми? — деди Дилмурод.
— Бе, эси бутунларга оғриниб қарарди-ю, нима деяпсиз? — Асқарали кулимсиради. — Димоғи осмонда эди. Бекорга қарамасди. Одамлар ҳаммасига индамай келди-ю, омма Фотма кампирнинг эчкисини олганда чидаб туролмади. Кампирни яра босган экан денг, у занғар дори келтириб бераман, деб муштипарнинг эчкисини олибди. Думини тугиб юбордик. Мана энди, сизлар келдиларингиз...

Бу гапни эшитиб, Дилмуроднинг бадани музлаб кетди. Назарида, Асқарали тагдор гапириб: «Ўзларинг ҳам одамларни ўша дўхтирдай шиларсизлар, а?» демоқчи бўларди. Дилмурод каловланиб ўрнидан турди. Қизининг кутаётганини баҳона қилиб, пастга тушди. Рҳақ унга эргашди.

Девонанинг қачон, қаердан келганини ҳеч ким аниқ билмас эди. Уни дастлаб мозорбошида кўрдилар. Кейин у пастга тушди. Самовархона атрофида айланиб юрадиган бўлди. Гўрковнинг омонат ҳужрасида яшай бошлади. Унинг исми ҳам, кимлиги ҳам қишлоқдагилар учун қоронғи эди. Баъзан ғудраниб, баъзан кулиб, баъзан йиғлаб юрадиган бу кимсага ҳамма ўзича ном берган эди. Ким «Девона», ким «Мўйлов жинни», ким «Мозор жинни» деб атарди. Болалар эса оддийгина қилиб «Жинни» деб чақиришарди.

Девона беозор эди. Қишлоқдаги ҳожатмандларнинг, самоварчининг юмушини бажариб, нонини ҳалоллаб ерди. Самовархонадан бир неча марта жой қилиб беришса ҳам турмади. Мозорга чиқиб кетаверди.

Бир куни гўрков уни ёнига чақирди. Қўлига кетмон бериб «кавла» деди. Девона кетмонни қўрқибгина ушлади. Гўрковга хавотир кўзи билан қаради. Кейин титроқ қўллари билан кетмонни нари отиб юборди-да, йиғламсираб орқасига тисарилди.

Ҳамманинг юмушини беминнат бажариб юрувчи Девона, бир неча марта зўрласа ҳам, гўрковнинг айтганини қилмади.

Мол кирмасин учун атрофи шох-шабба билан ўралган қабристон қишлоқдан унча узоқ эмас. Икки тоғ орасидан шиддат билан оқиб чиқувчи катта сой қабристон этагидан харсанг тошларга бош уриб ўтади. Девона яшайдиган хужра сойдан эллик қадамча баландда. Унинг бисотида кимдир раҳм қилиб берган (ёки аввалги гўрковдан қолган) эски кўрпагина бор. Ҳужрадан мозордаги ҳар бир қабр яққол кўриниб туради. Қуёш тоғ чўққилари ортига ўтиб, тошлар қорая бошлаган пайтда Девонанинг турар жойига келган юраксизроқ кимсани ваҳима босиши мумкин.

Тун... Сукунат... Ўликлар маскани... Баргларнинг шивирлаши... Танҳо девона...

Девона эса ваҳимали тундан чўчимас эди.

Баъзан, самовархонада кўринмаган кезлари, у ҳужра ёнидаги харсангда чўнқайиб ўтирганча мозорга тикиларди. Худди муҳим бир нарсани ўйлаётгандек бўларди. У дафн маросимларига барча қатори худди эси бутун одамдай қатнашарди. Тобут кўтарарди, етти қадам санаб юрарди, пичирлаб бир нарсалар дерди. Мозорга келгач, бир чеккада сукут сақлаб ўтириб, тиловат қилинишини кутарди. Маросим тугагач, ҳеч кимга эътибор қилмай, ҳужрасига кириб кетарди. У фақат Хўжа пиённинг жанозасида қатнашмаган эди. Саҳарда самовархонага туша туриб, дарахтга ўзини осиб қўйган Хўжа пиённи кўргану орқасига қайтиб, икки кун ҳужрасидан чиқмай ётган эди.

Болалар Девона билан ўйнашни яхши кўришар, аммо ота-оналарининг гапларига қулоқ солиб, унга кўпам яқинлашишмасди. У болаларга пўписа қилганда, кўпинча мўйловини бураб «мелисага бервораман», деб ғудранарди. Девона бу гапни баъзан катталарга ҳам айтарди. Кеча кайфдан кўзлари қизариб турган йигитга шундай деди-ю, балога қолди...

Девона ҳужрасида кўринмади. Дилмурод эшикни ланг очиб, тагига тош қистирди-да, ичкари кирди. Бўйра устидаги йиғилмаган кўрпанинг бош томонида ётган сариқ бир нарса уларнинг диққатини тортди. РҳақМирзавой энгашиб уни қўлига олди.
— Будёновками? — деди Дилмурод унга яқинлашиб.
— Ҳа... Кўп уринмаган...
— Бир пайтлар қизил аскар бўлганмикин?
— Асқарали ака «мулла эди», деяпти-ку?

Шу пайт ташқаридан кимнингдир шарпаси келди. Учови баравар эшик томон қарашди. Остонада Девона кўринди. Умида югуриб уни қаршилади. Қўлидаги бурама қандларни унга узатди.
— Олинг, сизга опкелдим.

Девона худди Умидани кўрмагандек, гапларини эшитмагандек тек қотиб турар, кўзини Дилмуроднинг қўлидаги қалпоқдан узмас эди. Умида ҳайрон бўлиб дадасига яқинлашди.
— Бу дадам, бу Мирзавой амаким, танимайсизми?

Девона яна индамади. Бир қадам, кейин яна бир қадам босди. «А... а...а...» деганича қалпоқни юлқиб олди. Орқасига тисарилди. Боши кесакига урилди. Қалпоқни бағрига босганча, ичкаридаги кишилардан кўз узмай, йигирма қадамча чекинди. Сўнг харсангга ўтирди. Шунда ҳам нигоҳини улардан олмади.
— Кетайлик, — деди Рҳақ аста. Дилмурод бош ирғади.
— Манавини бермаймизми? — деди Умида катта одамларнинг «қилиғига» тушунмай.
— Кейин, эртага келганимизда берарсан.

Улар орқаларига қарай-қарай пастга тушиб кетишди. Кутилмаган меҳмонлар дарахтлар панасида кўздан йўқолмагунча, Девона тош устида қимирламай ўтирди.

Улар Умидани уйга қўйиб, шифохонага киришлари билан эшик аста очилди. Остонада аввал рўмолининг бир учини тишлаб олган озғин, рангпар аёл, кейин ўн икки ёшлар чамасидаги юмалоққина бола кириб келди. Аёл салом берди. Бола индамади. Кўзларини пирпиратиб, дам оқ халатини кийиб улгурмаган Дилмуродга, дам қўлини ювиб, сочиққа артаётган Мирзавой-Рҳаққа қараб тураверди.
— Келинг, янга, нима гап, тинчликми? — деди Рҳақ аёлнинг саломига алик олгач.
— Бевақт келибмиз шекилли, — деди аёл хижолат тортиб.
— Жуда вақтида келдингиз. Хўш, нима бўлди, тобингиз қочдими?
— Худога шукр, ўзим соғман. Манов жиянингиз...— аёл болага ишора қилди.
— Ие, полвон, бу қанақаси бўлди? Қани, бери кел-чи, — Рҳақ-Мирзавой боланинг пешонасини, кейин билак томирини ушлаб кўрди. — Иссиғи йўқ. Қани, кўйлагингни кўтар-чи, Дилмурод амакиси, бир эшитиб кўринг, полвонимизнинг қаери оғрияпти экан?

Дилмурод ҳали болага яқинлашмай туриб аёлнинг сўник овози эшитилди:
— Ўзи соғ. Ҳеч қаери оғримайди. Фақат... фақат тилдан қолди.
— Тилдан қолди?! Нимага?
— Невлай, чора кўринглар деб олиб келдим.
— Неча кундан бери гапирмаяпти?
— Ўн кунмикин...
— Шу тобгача қаерда эдингиз?
— Ўтиб кетармикин, дебмиз-да.
— Чилёсин ўқитмадингларми? — деди Дилмурод кесатиб.
— Ўқитдик, ҳаммасини қилиб кўрдик. Бўлмади, — деди аёл соддадиллик билан.
— Бола илгари қаттиқ касал бўлганмиди?
— Йўғ-а, болам бечоранинг боши ёстиққа тегмаган сира.
— Бирон нарсадан қўрқмадими?
— Қўрқибди-да. Дадаси тўнларини дарахтга илганларича қолаверган экан. Аши ойдинда кўзига бошқача кўринибди.
— Шунга шунчами? Қани, тилингни чиқар-чи? Баракалла. Ҳеч хавотирли жойи йўқ. Мана, Тошкентдан келган амакиси бирпасда тузатиб қўяди. Қани, амакингга қараб қўй-чи, кўрдингми, Тошкентдаги энг катта дўхтир бу киши. «Профессор» деганларини эшитганмисан? — Бола бош ирғаб, тасдиқ ишорасини қилди. — Шу амакинг профессор. Масковда ўқиб келган. Сендақалардан мингтасини тузатиб юборган. Укол ҳам қилмайди, дори ҳам ичирмайди. Сен қўрқма. Амакингнинг айтганини қил. Қани, Дилмуроджон, шу полвонни ҳам гапиртириб юборинг. Эвазига бир чиройли ашула айтиб беради. А, айтиб берасанми?

Бола бош ирғади. Дилмурод Мирзавойнинг мақсадин тушунди: Мирзавой унинг мақтовини келтириш билан бола юрагида умид учқунини ёқиб қўйган эди. Дилмурод кеча гап устида профессор Раззоқовнинг иш усуллари ҳақида ҳикоя қилганида шунга ўхшаш воқеани ҳам айтган эди. Мирзавой ҳозир уни шу усулни қўллашга ундаб таваккал қиляптими? Ахир, Дилмурод сира бу ишга қўл урмаган-ку! Нима қилиш керак? Ғишт қолипдан кўчди. Энди томошани усталик билан давом эттиришдан ўзга чора йўқ.
— Қани, мана бу ерга ўтиринг-чи. Тилингизни чиқаринг. Баракалла. Кўзларингизни ҳам кўриб қўяй-чи,— Дилмурод унинг мижжаларини қайирди, сўнг бошини уқалаган бўлди. — Оғримаяптими? — Бола йўқ ишорасини қилди. — Тўрт марта ўтириб туринг. Яхши, ётинг. Мирзавой ака, деразага парда қоқиш керак бўлиб қолди-ку?

То пардалар тутилгунча Дилмурод боланинг қўл-оёқларига, бошига ишдан чиққан эски электрокардиографнинг симларини боғлади. Сўнг фонендоскопни боланинг юрагига олиб бориб, эшитгични унинг қулоғига тақиб қўйди.
— Юракнинг уришини эшитяпсиз-а? Ҳозир қоронғи бўлгач, асбобни бурайман. Кейин «Сананг!» дейман. Ичингизда еттигача санайсиз. Тушундингизми? Овоз чиқариб санаманг тағин. Кейин озгина дам олиб саккизгача, озгина сабр қилиб тўққизгача, сўнг ўнгача санаб, менга «бўлди», дейсиз. Асбобни ўчиришим билан аянгизни чақирасиз. Хўпми?

Бола тасдиқ ишорасини қилиш пайтида овоз чиқарди. Дилмуроднинг ичига чироқ ёқилгандек бўлди. Хона қоронғилашди. «Сананг», деб буюрди Дилмурод. Сукунат чўкди. Дилмурод ҳам ўзича санади. Боланинг овози чиқиши керак. Жимлик. Бола қимирлади. Гапиролмаяпти. «Бўў... д» ... Дилмурод ишламайдиган асбобнинг мурватларини шақиллатиб буради. Яна жимлик. «А... а...» Дилмурод боланинг ёнига келди.
— Гапиролмаяпсизми? Қўрқманг. Тезда аянгизни чақиринг, бўлмаса симлар оёғингизга санчилади... — Дилмурод шундай деб унинг тиззасига аста игна санчди.— Чақиринг. — Бола яна «А...а», деб овоз чиқарди. — «Ая», деб чақиринг. Тез бўлинг! — Дилмурод энди игнани қаттиқроқ санчди. — Тез бўлинг деяпман!

У яна игна санчаман деганда бола «Ая!» деб бақириб юборди. Мирзавой пардаларни туширди. Аёл турган ерида ўзини тутолмай: «Ая, деган тилларингдан айланай», деб пиқирлаб йиғларди. Дилмурод симларни олди.
— Қани, туринг-чи, отингиз нима?
— Ка... ка... ғим... ббеғди...
— Каримбердими? Баракалла. Ана, тилингиз чиқди. Энди қўрқмай гапираверинг.
— Дўхтир амакигаа нима дейиш керак? — деди Рҳақ-Мирзавой, боланинг елкасига қоқиб.
— Ғ..ғғаҳ..мат.
— Ана энди аянгизга, юринг, кетдик, деб айтинг.

Бола аясини қўлидан ушлади.
— Ю...ғинг, к...кет...дик.
— Ана, янга, Каримполвон соғайди. Энди ажина, ажина, деб йўқ нарсаларни тилга олиб болани қўрқитаверманглар. Кўпроқ гапирсин. Тили юришиб кетади. Иккинчи ирим-сирим қилиб юрганларингни эшитсам, дўхтирхонага яқинлаштирмайман. Тошкентдай жойдан сизларни деб катта дўхтир келиб ўтирибди-ю, сизлар чала муллага қўй сўйиб, зиёфатни бегона қилиб юрибсизлар.
— Вой, бир эмас, ўн қўй сизлардан айлансин. Дадасига айтаман, поёндоз солиб кутиб оламиз.
— Энди буёғини қўя туринг. Бир йўла Каримполвоннинг тўйида ҳисоб-китоб қиламиз.

Аёл қайта-қайта раҳмат айтиб чиқиб кетди. Дилмурод стулга ҳолсиз ўтирди.
— Пичоқсиз сўйдингиз, ака. Юрагимни бир эшитиб кўринг, тўхтаб қолди шекилли.
— Ҳаяжонландингизми?
— Яна сўрайсиз-а? Иш ўнгидан келмаса, нима деган одам бўлардик. Яна «профессор» деб таништирдингиз-а?
— Бу усулни кеча ўзингиз мақтаган эдингиз-ку?
— Тўғри мақтаганман. Лекин ҳали шаклланмаганини ҳам айтганман-ку. Беморни ҳеч бўлмаса бир-икки кун тайёрлаш керак эди.
— Ўзим қойилмақом қилиб тайёрлаб бердим-ку. Ассистентларнинг пири бўлсам ҳам арзир эканми?
— Ишонгим келмаяпти. Бундай тажрибанинг ўндан биригина муваффақиятли чиқиши мумкин эди.
— Таваккал ҳам қилиб туриш керак, — деди Рҳақ кулимсираб. У Дилмуродни бу ишга атайин ундаган, айни пайтда, Дилмурод панд еб қолмасин, деб гипнозга шай турган, бу усул фойда бермаган тақдирда боланинг миясига биотоклар оқимини йўллаб, тилга киритмоқчи эди. Рҳақ бу муолажадан сўнг Дилмуроднинг обрўйи ошажагини билар, алқисса, унга худди шу керак эди.

Дилмуроднинг ҳаяжони босилмай туриб, хонага Асқарали кириб келди. Рҳақ унинг чеҳрасига қараб, бир оз саросимада эканини сезди.
— Дўхтир иним, сизларга бир юмуш чиқиб қолди,— деди у узун курсига омонат ўтириб, — менинг бир қиёматли ошнам бор. Ишоқ буқоқ деган одам. Унақа аскиячи, унақа қизиқчи етти иқлимда йўқ. Шу ошнам оғирлашиб қолибди. Ҳозир невараси айтиб кетди. Ўзингиз бир бориб кўрмайсизми? Туновида Мирза иним дори-дармон қилиб берувдилар. Биргалашиб борсанглар...

Ҳаялламай йўлга чиқишди.
— Ошнангизнинг юраклари бақувват экан, — деди Рҳақ-Мирзавой сой устига солинган кўприкдан ўтаётиб. — Очиғини айтсам, мен ўша куни узилсалар керак, деб ўйловдим.
— Э, бу одамни азоб еган. Босмачининг қаердалигини айтасан, деб ертўлага қамаб, устидан сув бостиришган экан. Бўлмаса, камида юз йил яшайдиган қувноқ одам эди, — деди Асқарали афсусланиб. — Уларнинг аждодида саксон-тўқсондан кам яшаган одам бўлмаган. Отасини саксон еттида ерга қўйишган. Раҳматли полвон одам эди. Пайғамбар ошини тортгандан кейин ҳам улоқ чопарди. Азроилнинг чангалидан қутулиш мумкин эди-ю, аммо унинг чангалидан улоқни ажратиб олиб бўлмасди. Ҳўкизни чертиб қулатадиган кучи бўлса ҳам сира кураш тушмасди. Кейин сабабини билсам, йигитлик чоғида бир полвонни эзиб, майиб қилиб қўйган экан. Шу-шу бировга озор бермай ўтиб кетди, раҳматли. Ишоқ буқоқ ҳам отасига ўхшайди. Чивинга озор етказганини билмайман.
— Дунёнинг ишлари қизиқ, — деди Дилмурод Асқаралининг гапларини эшитиб. — Кучли одамларнинг бағри ҳам кенг бўлади. Катта полвонлар заифларни сира хафа қилмайди. Зиёлиларда ҳам шундай ўткир истеъдод эгаси бошқаларга яхшилик қилиш учун ҳамиша вақт топади, бировга ҳалақит бермайди, фақат қўллайди. Илм атрофида адашиб, ўралашиб юрганлар эса бутун вақтини, кучини, ўзини ақлли қилиб кўрсатиш учун чиранишга сарфлайди. Жимгина сарфласа ҳам майлига, бошқаларнинг асаби, тинчини бузиш ҳисобига кун кўради.
— Э, Дилмуродвой, иним, бу ҳамма ерда бор касал.
— Олимларнинг кўпи одамдаги чап мия қобиғи асосий, ўнгдагиси унга ёрдамчи, мустақил фаолияти йўқ, одамнинг истеъдод даражасини ана шу чап мия белгилайди, дейишади. Мен эсам одамларнинг чап мияси кам шаклланган дейман.
— Уларда чапи ҳам ўнги ҳам шаклланмаган, деяверинг, — Асқарали шундай деб қўл силтади.

Рҳақ Дилмуроднинг гапини эшитибоқ, мақсадини аниқлади. Дилмурод одамларнинг чап мия қобиғига «доминант», ўнг қобиғига эса «субдоминант» деб сифат беришига қарши эди. У исботга кучи етмаса ҳам, ўнг қобиқ оддий симметрия эмас, яъниким, асосий ҳисобланадиган қобиққа буткул бўйсунмайди, унинг ўзига хос мустақил юмуши бор, деб ўйларди. Профессор Раззоқов Дилмуроднинг бу фикрини тўла қувватламаса ҳам тажрибаларига ёрдам берарди. Умуман, одамларнинг хатти-ҳаракати, хасталикка нисбатан чидами билан қобиқлар ҳақидаги бу ғоянинг номутаносиб экани ойдин бўлса-да, кўпчилик бундан кўз юмар, очиқ фикрлашдан чўчирди. Чунки, узоқ йиллар мобайнида мутлоқ ҳоким бўлиб келган ғояни нотўғри дейиш, ҳақни исбот этиш «Марксизмга зид фикрловчи олим» тавқи лаънати остида қамалиш, ҳатто отилиш учун қадам қўйиш демак эди. Ҳолбуки, бу ғоянинг ўзгариши кўп касалликларни даволашга йўл очиб бериши мумкин эди. Рҳақ Дилмуроднинг хаёлида яшириниб ётган бу тўғри фикрни ўқиб, яна бир бор хурсанд бўлди.

Олмазорни оралаб ўтиб, кичик ялангликка чиқишди. Ўртада пастак уй. Олди айвон, уйнинг чап биқинида қийшиқ тандир. Баҳайбат ўрик шохлари ялангликка кўланка солиб турибди. Ўрикка боғланган эшак бошини эгганча қимир этмайди. Аҳён-аҳёнда думи билан хира пашшаларни ҳайдайди. Бу ҳам таъсир этмагач, орқа оёқлари билан депсинади. Атрофида ўралашиб юрган уч-тўрт товуқ эшакнинг бу қилиғига парво қилмайди.

Ишоқ ота айвонда, эскирган намат устига тўшалган кўрпада шифтга тикилганча ётарди. Кўзлари ботиқ, ёноқлари туртиб чиққан. Муштдек буқоғи иягига тиралиб турибди. Эт суякка ёпишган, қимирлашга мажоли йўқ. Отани елпиб ўтирган келини меҳмонларни кўриб, ўрнидан турди.
— Келдими? — сўради ота заиф товушда.
— Йўқ... Асқарали тоға билан меҳмонлар келишди.
— Дарров дастурхонга қаранг, қизим.

Асқарали дўстининг қўлини олиб, ҳол сўради.
— Э, сўрама, у дунёга бир бориб, бир қайтиб келяпман, — деди ота заиф овозда.
— Шу ётишингда у дунёга бориб келяпсанми, а? — деди Асқарали гапини ҳазилга буриб, унинг кўнглини кўтариш учун. — Балосан, буқоқ, балосан. Менга қара, у дунёда кимларни кўрдинг. Энангди кўрмадингми?

Ишоқ ота дўстининг кўнгли учун жилмайишга ҳаракат қилди. Сўнг ихраниб бўлса-да, жавоб берди:
— Йўқ, сени энангди кўрдим.
— Нима деди, келиб турсин, демадими ишқилиб?
— Йўқ, индамади... — Ишоқ ота тамшанди. Аммо сўзи чала қолмасин учун ўзини мажбур қилиб гапини давом эттирди: — Энанг жаннат билан дўзахнинг нақ ўртасида... У ёққа ўтганларнинг ҳам, бу ёққа ўтганларнинг ҳам юзини чакичлаб ўтирибди...

Асқаралининг чўтирлигига шама қилиб айтилган бу қочириқдан ҳамма мириқиб кулди. Ишоқ ота ҳам рангига бир оз қон югургандай бўлиб, жилмайди.
— Олдинг, буқоқ, олдинг. Ана, айтдим-ку, бунақа аскиячи йўқ, бу дунёда деб, — деди Асқарали, ўзини кулгидан тиёлмай. Кейин, ҳазил-мутойибани давом эттиришга отанинг мажоли йўқлигини билиб, муддаога кўчди. — Тошкентлик дўхтир ўғлинг, ота билан бирга отамлашайлик, деб келди.
— Ҳа, меҳмон бошламаса, ўзингча келай ҳам демайсан. Невараларинг омонми, ишқилиб. Ҳа, Худо тўзим берсин. Меҳмонларни зериктириб қўймаяпсанми?
— Меҳмонлар иш билан овора. Меҳмонлиги қолмади. Манави дўхтир ўғлинг: «Шунча йил юриб, Ишоқ отаникидек бақувват юракни кўрмагандим, оҳ-воҳ қилиб ётишлари нимаси?» деяпти.

Ишоқ ота яна жилмайишга ҳаракат қилиб Мирзавой-Рҳаққа қаради.
— Мен «Ишоқ отангизнинг дардлари бошқа томонда. Тошкентга куёв қилмасангиз бўлмайди», дедим.
— Тегишасан-а? — деди ота. Унга Асқаралининг ҳазили маъқул келган, юрагида яна аскияга майл уйғотган, лекин уни тилга чиқаришга энди қурби етмас эди.
— Қани, иним, куёв тўранинг юракларига яна бир қўл солиб кўрингчи, сизга нима дер экан, — деди Асқарали Дилмуродга қараб.

Ота кўрпа устида мажолсиз чўзилиб ётган ўнг қўлини салгина кўтарди:
— Керакмас.

Дилмурод савол назари билан Асқаралига қаради. Асқарали ҳеч нарса бўлмагандек гапни бошқа томонга бурди:
— Абдулҳай қани?
— Раисни йўқлаб кетди.
— Раисни нима қиларкан?
— Мен айттирдим. Икки оғиз сўзим бор.
— Э, бу эррайимга сўз ҳайф, овора бўлганингга арзимайди.
— Йўқ, айтиб кетишим керак. Насиҳат биздан лозим. Омма сизлар эҳтиёт бўлинглар, сопи ўзимиздан чиққан.

Асқарали меҳмонларга қаради.
— Эшитганмисиз?
— Нимани?
— Соп ҳақидаги ривоятни?
— Йўқ.
— Буқоқ, дўхтир ўғилларинг бу ҳикматдан бехабар экан, айтиб бер.
— Ўзинг айтақол, оғзим қуруқшаб кетди.

Асқарали пиёладаги чойни отанинг оғзига тутди. У икки ютум ичиб, тамшанди.
— Бир ўрмонда Болта пайдо бўлиб, дарахтларни бирин-сирин қийрата бошлабди, — деди Асқарали пиёлани жойига қўятуриб. — Дарахтлар кекса Чинорнинг олдига маслаҳат сўраб келишибди. «Болта деганларинг нима, темирми?» деб сўрабди Чинор. «Ҳа», дейишибди дарахтлар. «Дастаси-чи, дастаси ҳам темирми?» — дебди Чинор. «Йўқ, — дейишибди дарахтлар. — Сопи оғочдан». «Ие, сопи ўзимиздан экан-ку, энди додимизни кимга айтамиз?» — деган экан Чинор.
— Халқимиз хўп донишманд-да. Бундай ҳикмат тушимга ҳам кирмаган эди, — деди Дилмурод ҳаяжонланиб.

Дарахтзор орасида икки кишининг шарпаси кўринди. Олдинда раис, орқароқда Абдулҳай.

Абдулҳай сув сепилган ердан ўтаётиб оёғини тап-тап урди-да, этик чангини қоқди.
— Келишдими? — деб сўради ота бошини буришга ҳаракат қилиб.
— Ҳа, келишди, — деб жавоб берди Асқарали.

Салом-алик, ҳол-аҳвол сўрашишдан сўнг, ота раисга мурожаат қилди.
— Мамарайим, иним, ишинг кўп бўлса ҳам чақиртирдим, хафа бўлма.
— Хафалиги борми, ўзим ҳам келаман, деб турувдим. Даланинг иши қайнаб кетди, биласиз-ку... Ўзингиз тузукмисиз ишқилиб, рангингиз дуруст, кўз тегмасин.
— Худо деб ётибмиз, иним. Сенга айтадиган сўзим бор эди. Гапимни бўлмай эшит: бир кишининг уч ўғли бор экан. Вақти-соати етганини сезган ота меросини кимга қолдиришни билмай боши қотибди. Кейин болаларини синаш учун уларни уч томонга юборибди: «Одамларга биттадан яхшилик қилиб қайтинглар», — дебди. Ишоқ ота ривоятнинг давомини эсламоқчи бўлгандай жимиб, кўз юмди. Асқарали сергакланиб, унинг пешонасига кафтини қўйди. — Сув бер, ошнам,— деди Ишоқ ота тамшаниб. Лабини ҳўллаб олгач, кўзини очиб давом эттирди. Айтадиганини айтиб олишга шошилиб, бу сафар тезроқ гапирди: — Каттаси билан ўртанчаси отанинг амрини бажариб, тезда қайтибди. Бири ногирон кишининг, бири ожиз кишининг юмушини беминнат бажариб берибди. Аммо кенжа хийла ҳаяллаб қайтибди. Бунинг учун акаларидан дакки эшитиб, ерга қарабди. Сўнг отасига ҳисоб берибди: «Дада, фалончини биласиз-а, ашаддий душманим, ҳар лаҳзада жонимни олиш учун пайт пойлайди. Отаси сизнинг душманингиз эди. Кетаётсам, аши тикка жарнинг ёқасида ухлаб ётибди. Бир ағдарилса, жарга қулаб ўладиган. Мен уни уйғотиб юбормаслик учун секин-секин суриб, четга олиб қўйдим». Ўшанда ота қувониб, меросини кенжасига қолдирган экан... Асқарали, чойдан... Умринг узун бўлсин, ошнам... Қиссадан ҳисса шуки, боболаримиз энг разил душманингга ҳам яхшилигингни аяма, деган. Мен бу гапларни ўзим тўқиганим йўқ. Тоғангдан эшитганман. Ҳар жумада шунақа ибратли ваъз айтарди. Донишманд одам эди, баъзи ғаламислар сўзи билан бекорга қулоқ бўлиб кетди, бечора.
— Бизнинг уруғда унақа руҳонийлар бўлмаган, қулоқлар ҳам, — деди раис жаҳл билан.
— Аччиғинг чиқмасин. Тоғангдан нима учун тонаётганингни билиб турибман. Ҳали замон тинчиб кетади. Қариндош-уруғдан кечиш ярамайди.
— Қўйинг бу гапларни!

Асқарали «Тек ўтир, раис!» деб туртиб қўйди. Мамарайимнинг шолғомсифат ялпоқ бурни оқариб, тарам-тарам пешонасида тер кўринди. Тумтайиб олди.
— Агар биронта одамга яхшилик қилиш қўлингдан келмаса, ҳеч бўлмаса, ёмонлик қилма. Бу ибратни ҳам тоғангдан эшитганман. У, балки, тоғанг эмасдир, балки чиндан ҳам сен айтгандай «халқ душмани» бўлгандир. Аммо ҳақ гапларни айтиб кетган. Шу ибратларга амал қилсанг, барака топардинг.
— Мен шу топгача бировга ёмонлик раво кўрганим йўқ. Бўлса шу колхозга бўлсин, деб жонимни жабборга беряпман. Битта тўним ҳали икки бўлгани йўқ.
— Дуруст... Бировга яхшилик қиламан дейсану кўнглига озор бериб қўясан.
— Нима, мени тергаш учун чақирганмисиз?
— Йўқ, — деди Ишоқ ота, - икки оғиз насиҳатим бор. Аслида, мен сени қарғашим лозим эди. Лекин бунинг фойдаси йўқ... Шамолда шилдираётган маккайининг баргларими?
— Ҳа.
— Илгари маккайининг ўрни нима эди?
— Боғ эди.
— Мен бу боғни йигирма йил парвариш қилган эдим. Худо умр берса, анави тепаликни ҳам боғ қиламан, деган умидим бор эди. Атти боғ қилиш Абдулҳайнинг чекига тушган экан. Барака топсин. Сендан илинжим шуки, иним, раис бўлсанг, одил раис бўл. Кўп билан кенгашиб иш юрит. Боғларни хазон қилма, уволи тутади. Гуноҳи ўзингга урмаса, болаларингга уради.
— Боғингизни буздирган бўлсам, ташлаб қўйганим йўқ. Боғдан фойда кам колхозга. Маккайининг фойдасини еб ётибсизлар-ку!
— Маккайига бўлак жой қуриб кетган эдими?..

Ишоқ ота шундай деб жеркиди-да, яна кўзини юмди. Асқарали унга чой тутди. Ишоқ ота тамшан-ди-ю, чойдан ичмади. Асқарали пиёлани Абдулҳайга узатиб, «сув беринг», деди кейин «пахта ҳам» деб пичирлади. Ота кўзини очди. Бу сафар раисга қарамай шифтга тикилиб гап бошлади:
— Довонда музлаб қолган одамларни кўрган эдим. Тик қилиб қўйсанг, худди тирик одамга ўхшайди... Сен ҳам ўша мурдаларга ўхшаб қолма. Сиртида жон бору ичи ўлик одамлар халқнинг қарғишига қолади-я!

Раис ғазабдан бўлғилса ҳам, ўзини тутди. Жон таслим қилай деб ётган қария билан олишишга журъат этмади. Унинг бош эгиб ўтирганини кўрган Ишоқ ота ҳам гапни калта қилди. Абдулҳай отасининг имоси билан косаларда шўрва келтирди. Асқарали орада ҳеч қандай оғир гап ўтмагандай гурунгни бошлади. Раис ҳам сал очилиб, колхозга янги трактор ундираётганини айтиб, мақтанди. Абдулҳайнинг боғига оқсоқоллар ҳордиқ чиқарадиган шийпон қурдиражагини билдирди. Кейин отага сиҳатлик тилаб, чиқиб кетди.

Раис кетгач, Ишоқ ота гапирмай, кўзини бир очиб-бир юмиб, тамшаниб ётди. Шом қоронғиси тушганда Абдулҳайни чақирди.
— Болам, омонатимни топширгудай бўлсам, боғингга қўй, боғингни қўриқлаб ётай, девдим, эсингдами?

Абдулҳай бош ирғади.
— Ўйлаб қарасам, шайтон васвасасига учган эканман. Ёлғиз ётишдан Худо асрасин экан. Кўпнинг орасига қўявер. Раисга инсоф бериб, боғингга шийпон қурса, кўпнинг дуосини оласан. Ана шу дуо арвоҳимга мадад бўлади, болам...

Асқарали Мирзавой-Рҳақ билан Дилмуродга рухсат берди. Аммо улар шу ерда қолиш истагини билдиришди.

Айвонга бир сидрадан кўрпача ташлаб ётдилар. Бироқ кўзлари илинавермади. Ой тиккага келганда от туёқларининг овози эшитилди. Отлиқлар қабристон томонга ўтдилар. Дилмурод бир Асқаралига, бир Мирзавойга қаради-ю, тунги отлиқлар ҳақида сўрамади. Қабристонга қараб ётаверди. Тепаликда Девонанинг ҳужраси қорайиб турибди. Бир оздан сўнг қабристонда қора шарпалар кўринди. «Отлиқларми?» деб ўйлади Дилмурод. Яна Асқаралига қаради-ю, сўрашга ботинмади. Отларнинг кишнаши эшитилди. Дам ўтмай қабристонда олов кўринди.
— Уйқунгиз келмаяптими? — деб сўради Асқарали унинг бедорлигини билиб.
— Қаранг, ўт ёқишяпти.
— Мозордами? Ҳа, Абдуҳолиқнинг уруғлари бўлса керак?
— Нимага бундай қилишяпти?
— Ирими шунақа. Бир оиладан кетма-кет одам ўлаверса, тунда қабрларга от соладилар. Оёғи ёзилмай қолган мурда одам чақирармиш. От ўшанинг қабридан ошиб ўтолмас экан. Ўша мурдани ё қиймалаб чопадилар, ё ёқадилар.
— Биз томонларда мурданинг оёғини узатиб қайта кўмишади. Бу ердагиси даҳшат-ку!
— Даҳшат дейсизми? Йўқ, бу ота-боболаримиздан қолган одат.
— Шу билан ўлим тўхтайдими?
— Баъзан тўхтайди.
— Ахир ўлимнинг кетма-кет келиши авлоддан-авлодга ўтувчи касалликлар натижаси-ку?
— Буни биз тушунмаймиз, иним... — Асқарали шундай деб ёнбошга ўгирилди. Шу билан суҳбат ҳам тугади.

Гулхан анча вақтгача ёниб турди.

Ишоқ отанинг жони тонгда узилди. Унинг узилганини сезмай қолишди. Беозоргина жон берди...

Атрофи оқ мато билан ўралган тобут ердан узилди. Аёллар юзларини тимдалаб, фарёд кўтардилар. Абдулҳай лаҳадга тушиб отасини қўяётганда, Асқарали тўнининг этагини очиб давра айланди. Одамлар бир сиқимдан тупроқ олиб, пичирлаб дуо ўқиб, куф-суфлаб этакка ташлашди. Ҳаммадан чеккароқда ўтирган Девона ҳам тупроқ олди-ю, жойидан жилмади. Асқарали буни сезиб унга яқинлашди. Девона дуо ўқимаёқ бир кафт тупроқни этакка ташлади-да, унга қараб тиржайди.

Асқарали тўплаган тупроқни лаҳадга тўкди.
— Девонага борганинг нимаси эди? — деди гўрков норози оҳангда.
— У ҳам одам-ку...

Гўрков лаҳад оғзига гувала териб бўлгач, Ишоқ отанинг яқинлари кетмонни қўлма-қўл олиб қабрга тупроқ тортишди. Бу манзарани бир четда туриб кузатаётган Рҳақ ўйга толди: мана шу тумонат одам ичида Ишоқ отанинг қариндошлари ҳам, етти ёт бегоналар ҳам бор. Тўғри, уларнинг барчаси кўз ёш тўкиб , бир хилда қайғуришмаяпти. Баъзилар отанинг қўлидан, ҳатто бир пиёла чой ичмаган, ҳамсуҳбат бўлмаган, салом-аликдан нарига ўтмаган. Аммо улар ҳам куйинишяпти. Бир одам боласининг бу дунёни ташлаб кетганига ачинишяпти. Эрта-индин мана шу тупроқ тортаётганлардан бири қарими, ёшми кўз юмса ҳам шу ҳол такрорланади. Одамлар унинг ўлимидан куюнадилар. Мана, ҳатто Рҳақнинг ўзи ҳам ачиняпти. Ачиняпти? Қизиқ, ахир унда бундай ҳис сира уйғонмас эди-ку? Ҳатто ўғли, хотини учун ҳам бу қадар ачинмаган эди. Наҳот одамларнинг туйғулари унга ҳам ўтаётган бўлса?

Талваса

Гала-гала қўнғир булут осмонни артиб, узоқдаги чўққилар томонга ўтиб кетди. Икки кундан бери ўша ёқда узлуксиз чақмоқ чақади, момақалдироқ гумбурлайди. Водий томондан келган булутлар гўё ёрдамга шошаётгандек қишлоқ осмонидан тез сузиб ўтади. Момақалдироқ қаттиқ жаладан дарак берар, аммо табиатнинг бу бемаврид эҳсонидан қишлоқ ҳозирча ҳоли эди. Фақат куннинг тафти қайтиб, кечалари анча салқин бўлиб қолди.

Тамакининг барглари узун канопларга терилиб, шода-шода қилиб қўйилган. Сарғайиб қолган шодалар эрта-индин олинади. Қоғоз каби текислаб, биттадан тахлаб, омборга жўнатилгач, кўчалар ҳувиллаб қолгандек бўлади. Қор иси келиб, дарахт барглари умрини яшаб, хазонрезги бошланади. Кейин қор тушади. Ҳамма уйига тиқилади. Тонготаргача давом этувчи гап-гаштак бошланади.

Асқарали тамаки баргларининг шодаларига қараганча шуларни ўйлаб борарди. Унинг машқи анча паст. Ярим қадам орқада келаётган Дилмурод буни сезиб, ҳамроҳини гапга тутмади. Гузарга етишгач, Асқарали Дилмуродни чойга таклиф қилди. Дилмурод тунда бир қарорга келган, ҳозир Мирзавой-Рҳаққа мақсадини аён айтмоқчи эди. Шу сабабли Мирзавой самовархонада кўринмагач, шифохонага ўтишни маъқул кўриб, Асқаралининг таклифини ерда қодирди. Асқарали буни кўнглига олмади. «Пича туриб чойни ўзим олиб чиқаман», деб тош зинадан юқорига кўтарилди.

Дилмурод ичкарига кирганда Рҳақ Фид билан хаёлан баҳс қилиб ўтирарди. Кейинги кунларда кўрган-кечирганлари, ўзи сезмаган, ҳолда, ачиниш ҳиссини уйғотган ва бу хаёлий баҳсга туртки бўлган эди. У Дилмуродни кўриб, ўрнидан турди. Ҳол-аҳвол сўради. Кейин орага жимлик чўкди. Дилмурод гапни нимадан бошлашни билмай каловланди. Кейин дангал мақсадга кўча қолди.
— Мен сиз билан маслаҳатлашмоқчи эдим, — деди у сукутни бузиб.
— Агар мендан бирор ақлли гап чиқишига ишонсангиз, марҳамат, — Мирзавой шундай деб жилмайди. Бироқ бу жилмайиш юзидаги ўйчанлик пардасини кўтара олмади.

Ташқарида супурги ушлаган Сабохон кўринди. Дилмурод оқ халатини кийгач, титилиб ётган чарм диванга ўтирди. Рҳақ дераза ёнидаги стулни диванга яқинроқ сурди.
— Мен Девонани даволашга уриниб кўрмоқчиман.— Дилмурод, гапим қандай таъсир этди экан, деб ҳамсуҳбатига тикилди. Рҳақ Дилмуроднинг руҳий хасталиклар бўйича мутахассис эканини, Девонани дастлаб кўргандаёқ уни даволамоқчи бўлганини сезган эди. Аммо ҳозир унинг қарашидаги маънони англаб, кутилмаган хабар эшитган одамдек атайин ҳайратланди.
— Шу мўйловними? — деди гўё ишонқирамай.
— Ҳа, ўшани. Аммо бу ишни бир ўзим уддалай олмайман. Сиз ёрдам бера оласизми?
— Менми? Мен-ку, жон-жон деб кўмаклашаман. Лекин... умримда... бунақа ишларга аралашмаганман. Ўзингиз биласиз, техникумнинг таълими билан...
— Ҳа, техникумда жуда саёз билим беришади. Ҳечқиси йўқ. Мен қўлдан келганча ўргатаман.
— Раҳмат, Дилмуроджон.
— Демак, розисиз. Лекин бу ҳозирча иккаламизнинг ўртамизда сир сақланиши керак. Чунки ишимизнинг оқибати ҳали номаълум. Мени кутиб олганингизда, катта чамадонимни кўриб: «Бутун Тошкентни кўтариб келганмисиз?» — деган эдингиз. Ўша чамадонда ўзим ясаган бир янги асбоб бор. Унга ТЭТ — Тошкент электрон табиби, деб ном қўйганман. Мен бу ерга икки мақсадда келганман: биринчиси — ташқи муҳитнинг, турли воқеа-ҳодисаларнинг инсон руҳиятига таъсири, тўғрироғи, руҳий касалликларни келтириб чиқаришини чуқурроқ ўрганиш, иккинчиси, иложи бўлса, ТЭТни синаб кўриш...

«Қайнотасининг ҳибсга олинганини яширяпти. Ахир, бу ерга келиб қолишининг асосий сабаби ўша-ку? Буни мендан қачонгача яширар экан?» — деб ўйлади Рҳақ. Аммо сир бой бермай, ўзини билмаганга олди.
— Биринчи мақсадингиз-ку, тушунарли, аммо иккинчиси асоссиз, — деди у.— Нима, тажриба учун Тошкентда жинни йўқми? Ундан кейин, янги асбобни аввал ҳайвонларда синаб кўриш керак шекилли? Бу ўз-ўзидан бўладиган иш эмас-ку!
— Тўғри, ўз-ўзидан бўлмайди. Аввало ТЭТни ҳайвонларда синаб бўлмайди. Чунки ҳайвонларнинг жинниси бўлмайди. Илмий кенгаш барча маълумот ва хулосаларимни таҳлил этиб, уни тажрибада синашга рухсат берган. Жинни масаласига келсак, руҳий касаллар клиникага тушганларини оз бўлса-да, ҳис этадилар. Улар тўрт девор орасида яшашни истамайдилар. Озодликка интиладилар.
— Эси борлар интилмайдими? Озодлик ҳаммага ҳам ёқади.
— Клиникадаги беморлар билан озодликда юрганлари ўртасида фарқ бор.
— Яхши. Унда бемалол синаб кўраверинг.
— Қандай синайман? Аввал Девонанинг қариндошлари билан танишиб, касаллик тарихини аниқлашим керак.
— Ҳа, аҳволингиз оғир, оғайни. Айрим таҳлилларни олиш ҳам мушкул. Электроентсефалография учун марказга бориш керак. У ерда ҳам имкон борми, йўқми, билмайман.
— Баъзан бўғилиб кетаман-да, Мирзавой ака, шу нарса юзага чиққанига салкам йигирма йил бўлди-я! Йигирма йилдан бери уни қўллаш тузукроқ йўлга қўйилмаган.
— Сиз бўғилаверманг. ТЭТингиз яхши натижа берган тақдирда ҳам уни барча ерда қўлланишига эришиш учун яна югурасиз. Кашфиёт қилишга нисбатан уни оммавий қўллашга эришиш оғирроқ.
— Нега шундай? Ахир, одамзот янгиликка чанқоқ-ку?
— Дунёда оқ рангдан ташқари қораси ҳам бор. Янгиликка чанқоқлик билан лоқайдлик қўшни бўлса, нима дейсиз? Лоқайдлик кўланкага ўхшаган нарса — чопиб ҳам, кўмиб ҳам бўлмайди.

Дилмурод ўрнидан туриб дераза олдига борди. Сабохон тарвақайлаб ўсган толнинг соясида бир жувон билан гаплашиб турибди. Дамбадам Дилмурод томонга қараб қўяди. Атайин қараяптими ё Дилмуродга шундай туюляптими?

Рҳақ Дилмуроднинг ёнига келиб елкасига қўл ташлади.
— Бўғилган билан иш битмайди. Деворга дуч келсангиз, бошингиз билан уриб тешиб ўтмайсиз-ку. Деворнинг ёнида айланма йўл ҳам бўлади.
— Мумкин эмас-да, Мирзавой ака!
— Билиб қўйинг, ҳатто қонунлар ҳам мутлақ эмас, ўзгариб туради.
— Ёзилмаган қонунлар ҳам бор-да.
— Ҳатто улар ҳам вақти-соати билан таҳрирга муҳтож бўлиб қолади. Сезиб юрибман, келганингиздан бери жиннига разм соласиз. Унга аллақачон диагноз ҳам қўйгандирсиз.
— Тахминан қўйдим.
— Қандай диагноз?
— Тотал эсипастлик — диффуз дементсия синдроми. Бош мия пўстлоғининг диффуз зарарланиши. Хотира, диққат, нутқ, таҳлил, хулоса чиқариш, танқид қилиш, умуман, ақлий фаолият қобилияти ишдан чиққан.
— Масала равшан экан, тажрибани бошлайверинг.
— Қандай қилиб бошлай? Асбоб узоқ масофадан таъсир этмаса, жиннини бу ерга олиб келиб, ётқизиб бўлмаса...
— ТЭТингизнинг ишлаш жараёнини айтиб беринг-чи, бир иложини топамиз.
— Беморни ётқизиб энсасига, орқа миясига электродлар қўйиш керак. Кейин қуйи частотали кам кучдаги импулс ток билан мия тўқималарини қитиқлаб уйғотамиз.
— Тушундим. Демак, электр билан талвасага туширамиз.
— Йўқ, ундай эмас. Одам аъзоларига бундай қўпол аралашувни биз энг сўнгги чора деб биламиз. Мен унга бутунлай қаршиман.
— Ретроград ва атероград амнезиялар типидаги хотира йўқолади, демоқчимисиз?
— Бугина эмас, мия тўқималарига қон қуйилиши мумкин. ТЭТ эса бунга йўл қўймайди. У гиппокампни ёки таламусни аста қитиқлайди. Агар миянинг бу бўлимларида маълум даражада тормозланиш жараёни мавжуд бўлса, электродларнинг қитиқлаши натижасида бу бўлаклар миянинг умумий иш жараёнига боғланади.
— Психиатр бўлмасам ҳам мақсадингизга тушундим. Энди бундай қиламиз: жинни амакини шифохонага ишга оламиз. Қарши эмасмисиз?
— Қарши эмасман... Лекин...
— Демак, келишдик. Хизматдан сўнг Дилмурод Мусаев раҳбарлигидаги врачлар делегатсияси Мўйлов ҳазрати олийларини лутфан ишга таклиф этгани боради. Ҳа, айтмоқчи, унга бирон исм қўйишимиз керак. Жинни, деб чақирмаймиз-ку?
— Тўғри, исм танлашимиз зарур.
— Нима десак экан... — Рҳақ аввалига «Сабоҳиддин» демоқчи бўлди. Лекин бу билан Девонани чўчитиб қўйишини билиб, хаёлига келган биринчи исмни айтди: — Шопўлат! Бўладими?
— Шоҳ қилиб юбордингиз-ку.
— Жинни ўзини шоҳдек ҳис қилади-да...
— Нима, унда шундай мания аломати борми? Ўзини чиндан шоҳ ҳис қиладими?
— Буни билмадим. Шунчаки айтдим-да. — Рҳақ шундай деб Дилмуроднинг соддалигидан кулиб, елкасидан қучди.
— Бу таклифингиз яхши. Аммо яна бир иш қилишимиз керак. Новқатга бориб келмасак бўлмайди.
— Нимага?
— Ўша ерда синглиси бор экан-ку, унинг тарихини билишим керак.
— Керакми ё шартми?
— Шарт. Сиз Фрейд деган олимни эшитганмисиз?
— Фрейд? — Рҳақ эсламоқчи бўлгандек, ўйга толди. Аввалги сафар Ерга келганда барча олимлар қатори Фрейдни ҳам ўрганган эди. Фрейд таълимотини айримлар нотўғри ҳисоблагани учун Дилмуроднинг бу борадаги фикридан огоҳ бўлиш ниятида: «Йўқ, эшитмаганман», деди.
— Ҳозир Ғарбда фрейдизм тамал тоши бўлиб қолган. Улар психикани моддий шароитлар билан уни туғдирувчи сабаблардан ажратиб ўрганадилар. Яна бировлари Фрейдни таҳрир этиб, шахс такомилида муҳитнинг таъсирини етакчи ўринга қўйишади. Лекин шахс билан муҳит ўртасидаги ўзаро алоқадорликни бутунлай инкор этишади. Ҳар иккала йўл ҳам қип-қизил мантиқсизликнинг ўзи. Биз одам мияси ҳақида бир қарашда жуда кўп, ҳақиқатда эса жуда оз нарса биламиз. Миядаги кимёвий реактсияларда, ҳатто молекулаларда инсоннинг оддий ҳис-туйғуларидан тортиб, оғир қайғуларигача жамланади. Шунинг учун ҳам бемор билан врач ўртасида мутлақ яхши муносабат ва ишонч бўлиши керак. Биз хасталикнинг энг сўнгги босқичи билан юзма-юз турибмиз. Палапартиш иш бошласак, панд еймиз.
— Яхши, бу шартингизга ҳам кўндим. Раисга гиёҳ териб келамиз, деймизу Новқатга жўнаймиз. Истасангиз, эртагаёқ...
— Йўқ, аввал Девонани ўзингиз айтгандек «ишга олайлик». Келинингиз бугун-эрта, уйга қайтади. Уларни кузатай. Новқатга кейин борамиз.

Оқшомда икки доктор Девонанинг маконига қараб йўл олди. Самовархонада эмасмикин, деб гузардан ўтдилар. Девона ҳужрасида ҳам йўқ эди. Рҳақ атрофга аланглаб Дилмуродни чақирди.
— Қаранг, — деди у сой томон ишора қилиб.

Сой бўйида Девона билан Умида ўтирарди. Умида ерда тўп бўлиб турган тошчаларни бир-бир олиб кафтига тўплар, Девона эса қизиқсиниб, қизчанинг қўлидаги тошчалардан кўз узмас эди. Умида ўйин қоидаси бўйича барча тошларни кафтига тўплагач, Девонага тутди. Девона уқувсизлик қилиб тошчаларни сочиб юборди. Умида аразлагандек юзини бурди. Девона қизчанинг ранжиганини англаб, ирғиб ўрнидан турди-да, сувга тушиб тошчалар терди. Кейин ўз ишидан мамнун бўлиб, сув ичида ирғишлаб, рангли тошчаларни кўз-кўз қилди.
— Онаси ғафлатда қолганга ўхшайди, — деди Дилмурод бу манзарани кузата туриб. Кейин бош чайқаб қўйиб пастга туша бошлади. Умида отасини кўрди-да, ҳайиққанича туриб қолди. Сой ўртасида ирғишлаётган Девонанинг юзидан кулги йўқолди.
— Ҳорманг, Шопўлат ака, — деди Рҳақ уларга яқинлашиб. — Изламаган еримиз қолмади. Умида қизимизни зериктирмаяпсизми ишқилиб? Қани, бу ёққа чиқинг-чи.

Девона «Шопўлат ака ким экан», дегандек ён-атрофга қараб аста қирғоққа чиқди.
— Қаёққа қараяпсиз? — деди Рҳақ, — Шопўлат акани қидиряпсизми? Шопўлат ака ўзингиз-да. Отингиз Шопўлатми, ахир?
— Ҳа, ҳа. Шоп... Шопўлат, — Девона шундай деб кулди.
— Қани, қўлни беринг.

Девона Мирзавойнинг кафтига шапиллатиб урди-да, роҳат қилиб кулди.
— Ана энди Умиданинг дадаси билан ҳам кўришиб қўйинг-чи... Девона Дилмуроддан бир оз ҳайиқиб қўл узатди.
— Гап бундай, Шопўлат ака. Самовархонада ишлаб зерикканга ўхшайсиз-а?
— Ҳа, ҳа. Зерикдим. Зерикдим. Ҳи-ҳи-ҳи...
— Энди бизнинг самовархонада ишлайсиз.
— Ишлайман, ишлайман, ҳи-ҳи-ҳи...
— Мана шу киши сизга хўжайин. Нима деса қиласиз.

Девона бирдан сергак тортди. Дилмуродга ғалати қараш қилди.
— Э, қўйинг-э, Шопўлат ака, ким айтади сизни эркак деб. Бу киши яши одам. Урмайди, сўкмайди. Умида яхши қизалоқми, ахир?
— Яхши, яхши, қиз... қизалоқ, ҳи-ҳи-ҳи...
— Бўпти-да. Дилмурод Умиданинг дадаси-ку.
— Келишдикми? — деди Дилмурод суҳбатга аралашиб.
— Келишдик, келишдик. Ҳи-ҳи-ҳи, — Девона шундай деб яна қўл ташлади.
— Эрталаб туриб, соч-соқолни олдириб, бизнинг самовархонага ўтинг. Мана, сартарош ҳақи.
— Ҳи-ҳи-ҳи... Самовархона... ҳи-ҳи-ҳи... дўхтирхона...

Дилмурод хайратланиб, Рҳақ-Мирзавойга қаради. У Девона самовархона билан шифохонанинг фарқига бормаса керак, деб ўйлаган эди.

Эрталаб шифохона эшиги олдида Девона билан Сабохонни кўрдилар.

Сабохон эшик олдини тўсиб олган, Девона эса ундан икки қадам нарида ишшайиб турарди.
— Мановини қаранглар, ичкарига кириб олибди. Зўрға чиқардим. Энди кетмай, хира бўлиб турибди.
— Чакки қилибсиз. Биз Шопўлат акани ишга қабул қилганмиз. Супуриш-сидириш энди шу кишининг елкасида.

Сабохон бу гапларни, ҳазилми-чин эканини ҳам билмай, четга чиқиб йўл бўшатди. Девона «қойилмисан?» дегандек тиржайиб, врачларнинг орқасидан ичкарига кирди.

Бу орада қуёш иримига бир юз кўрсатди-ю, яна қора булутлар қаърига кириб кетди. Шамол тупроқ кўчаларнинг чангини тўзитди. Кесганбел тепасида момақалдироқ қарсиллаган пайтда Умидани етаклаб Ақида кириб келди. У остонада турган Сабохон билан сўрашди. Умида Девона сари юрмоқчи эди, онаси билагидан аста чимчилаб, тўхтатди.
— Келинг, синглим, — деди Мирзавой Ақидани қаршилаб.

Ақида унга бош ирғаб, эрига юзланди. Мақсадини айтишга тараддудланди.
— Бизни кузатиб қўйинг, — деди синиқ оҳангда.
— Қаёққа? — Мирзавой ҳайрон бўлиб эр-хотинга бир-бир қаради.
— Уйга кетмоқчи эдик, — деди Ақида сал юмшоқроқ оҳангда. — Дадаси мен нарсаларни шай қилиб келгандим.

Эр-хотиннинг жимиб қолганини кўриб, аввал Сабохон, кейин Рҳақ ҳам ташқарига чиқишди. Девона гапи-гапига қовушмаётган бу одамларга ҳайрон қаради-да, у ҳам аста чиқиб кетди. Ақида чарм диванга ўтириб, юзини қўллари билан тўсганича йиғлаб юборди. Умида онасининг бағрига кирди. Дилмурод аста хотинини елкасидан қучди.
— Нима бўлди, тинчликми?
— Бошқа чидолмайман, кетмасам бўлмайди. Дадамдан хабар олишим керак...
— Шунга ҳам йиғими, мен бир нарса бўлибдими дебман.
— Ҳали кўчада раисни кўрдим. «Сиз дўхтирнинг қонуний хотинимисиз?» деб сўради. «Ҳа», десам, «Ҳужжатига қараганда эрингиз сиз билан ажралишган экан-ку», дейди. «Кейин ярашганмиз», деб қўя қолдим. Ғаламисга ўхшайди бу раисингиз. Кета қолай, яна бошингизга балолар ёғилмасин. Вақт топсангиз, янаги ҳафталарда хабар оларсиз...

Ташқарида шамол кучайди. Деразага уч-тўрт томчи урилди. Дилмурод Ақидани юпатиб, эртага кузатиб қўядиган бўлди. Ташқаридан Асқаралининг овози келди. Дам ўтмай томоқ қириб ичкарига кирди.
— Бу йилги чилла антиқа келяпти, — деди у чойнак-пиёлани столга қўятуриб. — Кеча юқорини сел олибди. Қани, келин, чойга қаранг, бу ерда сиз меҳмонсиз.

Ақида қизарган кўзларини ерга қадаб ўрнидан турди.
— Раҳмат, чойни уйда ичамиз. Энди борайлик.
— Ҳавонинг авзойи чатоқ, чиқмай туринг, — деди Асқарали орадан нохуш гап ўтганини сезиб.
— Ўзим кузатиб қўяман, — Дилмурод шундай деб оқ халатини ечди-да, Умидани ўради. Гузардан ўтишлари билан жала қуйиб берди. Сув кўчани тўлдириб оқа бошлади. Улар қадамларини тезлатдилар. Дилмурод бу аҳволда узоқ юра олмасликларини билиб, хонадонлардан бирида жон сақламоқ учун эшикни очай деганда, кўчанинг у бетидаги бақатерак қарсиллаб синиб, уларнинг устига ағдарила бошлади. Ақида жонҳолатда қичқириб, Умиданинг қўлини беҳос қўйиб юборди. Учови ҳам тарвақайлаган шохлар орасида қолди. Умида ўрнидан тураман, деб тимирскиланаётганда, юқоридан айқириб келаётган тўлқин уни шохлар панжасидан юлиб олди-да, олдинга суриб кетди. Сал наридаги девор панасида биқиниб, бу воқеани даҳшат билан кузатаётган Девона хунук бир овозда бақирганча, ўзини сувга отди. Тўлқинлар бағрида бир кўриниб, бир ғойиб бўлаётган Умидага интилиб, уни билагидан ушлаб олди. Сел тўлқини то кучдан кетгунга қадар икковини ҳар куйга солди. Умида буткул ҳушидан кетди. Девона ҳолдан тойди. Дуч келган бутага ёпишиб, Умидани қирғоққа судраб олиб чиқди. Одамларнинг бахтига сел уйларни олмай, тезда кучдан қолди. Жала тинди.

Ағанаган бақатеракка ёпишиб жон сақлаган Дилмурод билан Ақида бир неча дақиқалик бу даҳшатдан ўзларига келмай туриб, хонадонлардан одамлар югуриб чиқдилар. Ақида атрофга телбаларча боқиб Умидани излади.
— Қизим... Қизим! — деб бақирдию ҳушидан кетди. Дилмурод ҳам ўзидан кетар даражада эди.

Етиб келган Рҳақ: «Ўзингизни босинг, Умидани топамиз», деб тўхтамасдан ўтиб кетди.

Гузарга бораверишдаги йўл четида ўтирган Девонани кўриб, қадамини тезлатди. Бора солиб чалқанча ётган Умиданинг қорнини босиб кўриб, оёғидан кўтарди. Қизчанинг оғзидан сув келди. Девона туриб, индамай юриб кетди.

Бу воқеадан сўнг Ақида кўрпа-ёстиқ қилиб олди. Дилмуроднинг юришга ҳоли бўлмаса ҳам сир бой бермади. Аммо Асқарали билан Рҳақнинг раъйига қараб, уйда ўтиришга мажбур бўлди. Умида эса эртасигаёқ оёққа турди. Ота-онасининг қаттиқ назорати остига тушган қизча зерикиб, оқшомда Асқарали буваси билан Мирзавой амакисининг келишини кутарди. Асқарали уни эркалаб, эртаклар айтиб берарди. Эртак тугаши билан Умида савол ёғдириб ташларди. Шунда Асқарали: «Дўхтир иним, қизингизнинг танглайини савол билан кўтарганмисиз?» деб куларди. Бир куни, катталар чой устида гурунглашиб ўтиришганида, Умида югуриб келиб Асқаралини саволга тутди:
— Бува, буважон, — деди у энтикиб, — мушук нимадан пайдо бўлган, биласизми?
— Биламан, қизим, биламан. Мушук арслондан пайдо бўлган.
— Унда нимага арслонмас, мушук бўлиб қолган?
— Э, бунинг тарихи жуда узун, қизим. Илгари мушук ҳам арслон бўлган экан. Ҳаммалари битта ўрмонда иноқ-аҳил яшаркан. Кунлардан бир куни ўрмонда арслонча туғилиб, унга «Мушук» деб ном беришибди. Мушук улғайган сайин ўрмонда буюмлар йўқолаверибди. Кейин, билишса, ўша Мушук деган арслонча ўғирларкан. Мушукни инсофга чақиришмоқчи бўлишганда, у шунақанги лўлилик қилибдики, асти қўяверасан. Арслонлар қарашсаки, бу Мушук инсофга юрмайдиган. Ўғри деса ўғри, қўрқоқ деса қўрқоқ, номард деса номард. Хуллас, ҳеч бир туки арслонга ўхшамайдиган. Шундан кейин қари арслонлар кенгашиб: «Бунинг турқи бўлакча, икки дунёда чин арслон бўлмайди. Пуштимизни булғайди», деган қарорга келиб: «Шу туришингда униб-ўсма», деб қарғабдилар. Қарғиш тегиб, мушук ўсмай қолгач, уни ўрмондан ҳайдаб юборибдилар. Шундан бери арслонлар ичида номардлар, ўғрилар пайдо бўлса, «Мушук бўл», деган қарғишга учраб, мушукка айланиб қолаверар экан... Тушундингми, қақажон?
— Тушундим, тушундим. Унда... — Умида бир оз ўйланди. — Ит нимадан пайдо бўлган?
— Итми? Нимадан бўларди, бўридан-да.
— Қандай қилиб?
— Қадим замонда бир ўрмонда...
— Арслонлар яшаган ўрмондами?
— Йўқ, бошқа бир ўрмонда бўрилар яшар экан. Улар эркин яшашни жуда яхши кўришаркан. Одамлар юз уриниб, минг уринишса ҳам бўриларни қўлга ўргата олмас эканлар. Бўрини тутиб яхши овқатлар билан сийлашса ҳам, қийноққа солишса ҳам бўлмас экан. Бўрининг оёқларини қайириб, синдириб ташлашса ҳам, калтаклашса ҳам, ўлса ўлар эканки, овоз чиқариб увламас экан. Нима ҳам бўлибди-ю, бир куни одамлар бўри галасини ўраб олиб, анча-мунчасини қўлга туширишибди. Қўлга тушганлар орасида «Ит» деган бўри ҳам бор экан. Озод бўрилар шерикларидан кўнгил узолмай, баланд қояга чиқиб қараб туришибди. Одамлар бўриларни бир чеккадан қийнай бошлашибди. Кўп бўрилар ўлиб кетибди. Навбат «Ит» деган бўрига келганда, у таёқ емаёқ думини қисиб вангиллабди. Шунда одамлар: «Бу бўрида бир гап бор», деб унга яхши овқат беришибди. «Ит» деган бўри овқатни еб, думини ликиллатиб, одамларнинг оёғини ялабди. Кейин уларни бўрилар қароргоҳига бошлабди. Ана ўшанда бўриларнинг энг кексаси: «Ким ўз эркини бир бурда гўштга сотса, ит бўлсин», деб қарғаган экан. Итларнинг тарихи шунақа... — Асқарали шундай деб жим қолди.

Унинг бу қисқа эртаги Рҳак билан Дилмуродга ҳам таъсир этган, улар пиёладаги чойни ичмай, совутиб ўтиришарди. Эртакнинг маъносини у қадар чақиб етмаган Умида эса кўзини ҳиёл қисиб янги савол ўйларди.
— Бува, буважон, — деди у ниҳоят, — унда мусича нимадан пайдо бўлган?
— Мусича бургутдан, баланд учолмагани учун мусича бўлиб қолган.
— Чувалчанг-чи?
— Илондан.
— Унда... Одам нимадан пайдо бўлган?
— Одамми? — Асқарали бир оз ўйлаб турди-да, кулимсиради... — Буни билмайман.
— Мен биламан, биламан! — деди Умида қувонганидан ирғишлаб. — Одам маймундан пайдо бўлган!

Ўтирганлар баралла кулиб юборишди.
— Гапинг тўғри, тўппа-тўғри, — деди Асқарали кулгидан намланган кўзларини қийиқчасининг учи билан артиб. — Сенга ўхшаган қақажонларнинг маймундан пайдо бўлгани аниқ. — Асқарали шундай деб қўйиб, «Оғир ҳазил қилмадимми», деган ҳавотирда Дилмуродга қаради. Дилмурод бу ҳазилни ўзига олмаган эди. Асқаралининг кўнгли хотиржам бўлиб, Умидани бағрига тортиб, пешонасидан ўпиб қўйди. — Қизим, бор-чи, сутош пишганмикин? Пишган бўлса айт, олиб келишсин.

Умида «хўп бўлади», деб югуриб чиқиб кетди. Дилмурод Асқаралига қаради.
— Асқарали ака, мушук, ит, мусичанинг аждодларини билиб олдик. Лекин одамникини айтмадингиз?
— Буни чиндан ҳам билмайман, иним. Ҳалиги эртакларни бувам раҳматли айтиб ўтирардилар. Ўшанда одамнинг аждоди ким бўлган, деб сўрамаган эканмиз. Бу саволни қизингиздан эшитиб турибман.
— Умида рост гапирди, Дарвин деган бир олим одамнинг маймундан пайдо бўлганини исботлаб берган.
— Буниси бизга қоронғи, иним. Менга қолса, барчанинг аждоди маймун демасдим.
— Нимага?
— Шунча йил яшаб, одамнинг ҳар қанақасини кўрдим. Назаримда, бир қисм одам — сиз айтгандай, маймундан, бир қисми — бургутдан, бир қисми итдан, мушукдан, сичқондан, ҳатто эшакдан ҳам тарқаган.

Рҳақ билан Дилмурод қаҳ-қаҳ отиб кулиб юбордилар. Уларга Асқаралининг ўзи ҳам қўшилишди...

Ақида бир ярим ҳафта деганда оёққа турди. Турдию, яна кетишдан сўз очди. Дилмурод унга қарши сўз айтмай, кечқурун сафар тадоригини кўриб қўйди. Саҳарда хотини билан қизини олиб марказга тушиб кетди. Қишлоқдан чиқаверишда, йўл ёқасидаги қўнғир харсанг устида Девона чўнқайиб ўтирарди. Онаси билан машина кабинасида ўтириб бораётган Умида уни биринчи бўлиб кўрди. Қўлини силкиди. Лекин Девона уни кўрмадими, ҳар ҳолда, жойидан жилмай, чангитиб ўтган юк машинасининг орқасидан маъюс тикилиб қолди. Кейин тупроғи кўпчиб ётган йўлда из қолдириб қабристон томонга юрди.

Рҳақ уни узоқдан кузатиб турарди. Девона ҳужрасига кириб кетганини кўриб, у ҳам қабристонга қараб илдам юрди. Ҳужра эшигини очиб ичкарига бостириб кирди. Кўрпа устида бошини эгганча чордана қуриб ўтирган Девона сапчиб ўрнидан турди-да, ғалати овоз чиқариб, орқасига тисарилди. Кейин деворга сингиб кетгудек бўлиб букчайиб ўтирди.
— Сабоҳиддин! — деди Рҳақ у томон юриб.

Девона «А... а!» деб бақирганича бошини қўллари орасига олди.
— Сабоҳиддин! — деди яна Рҳақ қатъий овозда. — Қўлингни тушир. Менга қара. Яхшилаб қара. Тек ўтир.

Девона унинг буйруғини итоаткорона бажарди. Рҳақ кўзини унга қадади. Девона нест бўлиб ўтириб қолди. Рҳақ яна ҳам яқинлашиб кўзининг қорачиқларига тикилди.

Ўша куни Рҳаққа Девонанинг ҳаётидан яна бир воқеа аён бўлди.

Музлим

Сабоҳиддин оқшомда, эски тўн кийган бадқовоқ кўса бир одамга эргашиб, Марғилонни ташлаб чиқди. Бадқовоқ киши на ўзини танитди, на Сабоҳиддиннинг кимлиги билан қизиқди. Индамай йўл бошлаб кетаверди. Афтидан, у олган кўрсатмасини керагидан ҳам ошириб ўринлатарди. Сабоҳиддин туни билан юрсак керак, деб ўйлаганди. Йўқ, қоронғи тушиши билан бир уйга қўнишди. Хонадон эгаси ҳам Сабоҳиддинни ҳайратга солиб, салом-аликдан нарига ўтмади.

Тонг отмай яна йўлда бўлишди. Кун ёйилмасдан Водилга етишди. Холиқберди тўранинг қароргоҳи шу ерда эди. Бадқовоқ одам милтиқли кишига Сабоҳиддинни топширди-ю, ўзи ғойиб бўлди. Милтиқли киши Сабоҳиддинни дарахтлар орасида зўрға кўзга ташланаётган ўтовга бошлади. Сабоҳиддин ичкарига кир-ди-ю, ўтовда ўтирганларнинг салобати босиб тараддудланиб қолди. Кейин ўзини қўлга олиб, қироат билан салом берди.
— Қадамингизга ҳасанот, — деди тўрда ўтирган киши саломга қироат билан алик олгач. Сабоҳиддин қотмадан келган, хориж ҳарбийларининг кўйлагини кийиб олган кишини кўриб, «Холиқберди тўра шу бўлса керак», деб унга таъзим қилди.
— Қани, мулла Сабоҳиддин, марҳамат қилсинлар, ўтовимиз тор бўлса ҳам, бағримиз кенг, — деди Холиқберди тўра унга жой кўрсатиб.

Сабоҳиддин пойгакроқдан жой олиб ўтиргандан сўнг даврадагиларга, омонлашиш мақсадида, бир-бир боқди. Тўранинг ёнида чордана қурган қизил туркий дўппили Зайниддин қорини кўрди-ю, беихтиёр ўрнидан туриб таъзим қилди. Кейин кўзини ерга тикканча: «Тўрам, волидангизни бериб қўйибсиз, бандалик экан...» деб ҳол сўради-да, қуръон тиловат қилиб, савобини марҳуманинг руҳига бағишлади.
— Мулла Сабоҳиддин ким бўлди, деб ўтирибман. Ўзимизнинг сўкир Сабоҳ экан-ку, — деди қори тиловатдан сўнг орага тушган сукунатни кўтариш мақсадида, кейин Холиқберди тўрага юзланди, — Бу Жамол ўриснинг укаси-да, танийсизми?

Тўра, биламан, дегандек бош ирғади. Шу пайт учта лаганда ҳовури босилмаган гўшт кўтариб киришди. Ўтовни зиранинг хушбўй ҳиди тутди. Таом киргач, суҳбатни бас қилдилар. Сабоҳиддин ора-сира Ҳолиқберди тўра билан Зайниддин қорига қараб қўярди. Тўранинг нигоҳидаги қатъийлик, кўзларидаги сергаклик, меҳр Сабоҳиддиннинг эътиборини тортди. Шундагина у: «Одамлар тўрамни бежиз ҳурмат қилишмас экан», деб қўйди. Тамшаниб ўтирган қорига кексалик ўз ҳукмини ўтказибди. Қошлари, бир тутам соқоли оқарган. Кўзлари толиққан каби қисилган. Аммо истараси ўша-ўша иссиқ. Бухорога кетганидан бери Зайниддин қорини кўрмаган эди. Зайниддин қори илгарилари Новқатга ҳар келганида Сабоҳиддинларникига қўнарди. Унинг Жалолиддин билан эски ошначилиги бор эди. Жалолиддин кўп ҳолларда қорига, унинг маслаҳатига суяниб иш кўрарди. Маслаҳат учун Ўшга бориб келишдан ҳам эринмасди. Шундай бўлса-да, уларнинг ораларида баъзан келишмовчиликлар бўлиб турарди. Ўғилларини рус-тузем мактабига бергани, янги ғоялар қули бўлгани учун, ҳатто туркийча қизил дўппи кийиб юргани учун Жалолиддин ошнаси Зайниддин қорини айбларди. Қори эса уни, аксинча, жоҳиллиги учун койирди. Бироқ, фикрлар ва дунёқарашларнинг бу қарама-қаршилиги дўстликларига рахна солмасди. Сабоҳиддиннинг Бухорога бориб қолиши ҳам Зайниддин қорининг маслаҳати билан бўлди. Тўғрироғи, бу гап Султонмуроддан чиққанди. Ҳар қандай янгиликни искаб билиб олувчи имом мардикор балоси бош кўтарган пайтда яна Жалолиддиннинг уйида пайдо бўлди. Жамолиддин Сибирга сургун қилингач, бу кўчадан ўтмай қўйган имом ҳеч нима бўлмагандек уйга кириб ўтирди. Ўтганларнинг руҳига қуръон бағишлади. Ўша йили хасислик қилгани учун Жалолиддиндан ўпкалади.
— Мен сиздан бирон нарсани тама қиладиган одам эмасман, —деди у гапни кўп чўзмай. — Сизга ҳам, фарзандингизга ҳам меҳрим бўлакча. Мана ҳозир Сабоҳиддиннинг тақдирини ўйлаб, хонадонингизга бош эгиб кириб келдим. Эрта-индин уни ҳам мардикорга чақириб қолсалар, нима қиласиз?
— Бошим қотди, тақсирим. Худо раҳмимизни ер, деб ўтирибман.
— Худо, худо дейсизу, худо йўлига бир танга аташдан қочасиз.
— Бу гапингиз бекор. Сиз йўл кўрсатинг, айтганингизни Худо йўлига атадим, — деди Жалолиддин унинг ниятини фаҳмлаб.
— Сабоҳиддинни бетўхтов отлантириб, Бухорои шарифдаги мадрасага жўнатамиз. Фарзанди қобилингизни шу йўл билан асраб қоласиз. Устига-устак, у бағрингизга катта мулла бўлиб қайтади. Бир ёғингизни ёзга, бир ёғингизни қишга қўйиб роҳатда яшайсиз. Уни Бухорога ўзим узатиб бораман. Лекин чиқими сиздан...

Эшон ўша куни ниятига етиб, хали ҳам шуҳрати сўнмаган қорабайирни етаклаб чиқиб кетди. Сабоҳиддиннинг онаси чирқираб қолди. Жалолиддиннинг бахтига ўша оқшом Зайниддин қори Новқатга келди. Имомнинг таклифини маъқуллаб, сармоядан ҳам ёрдам қилди. Ана шу кишининг ҳиммати билан Сабоҳиддин мадрасада сабоқ олиб қайтди. Бахтини қарангки, акаси билан учрашиб гарангсиб юрган оғир дамда бу донишманд одамга рўпара бўлди.

Дастурхонга фотиҳа ўқилгач, ўтовдагилар таъзим қилиб чиқиб кетдилар. Тўра Сабоҳиддиннинг қолишига истак билдирди.
— Жамол ўрисни... — Холиқберди шундай деб кулимсиради. Кейин сўзини тўғрилади. — Акангиз Сибирга мендан кейин келиб, мендан илгарироқ ўрисчани ўрганиб олганига Жамол ўрис, деб юриб ўрганиб қолибман. Уни ҳали кўрганингиз йўқдир?
— Кўрдим. Марғилонда учрашдик.
— Нима дейди? Босмачиларга қўшилма, дегандир?
— Ҳа.
— Шунақа... шўролар бизларни «босмачи» дейишади. Юртни босган, талаган, хор қилган улару, «босмачи» деган номни олган биз бечоралар. Хўш, акангиз йўлдан қайтарган экан, нега келдингиз?
— Ҳар иш Оллоҳнинг инояти билан, тўрам, айри бўлиш пешонада бўлса, на илож? Мен акамга эмас, Оллоҳга бўйсунаман.
— Балки сизни Бухородаги олий зотлар қўрқитишгандир?
— Йўқ, тўрам, мен уларнинг айблашларидан қўрқмайман. Маъмур бойваччанинг қони ҳам, акамнинг тортган азоблари ҳам менинг гарданимда, бу гуноҳим учун Оллоҳнинг ўзи жазолайди мени.
— Маъмур бойвачча дедингизми? Уни Жамол ўрис ўлдирмаганмиди?

Сабоҳиддин, Холиқберди тўра хабарсиз экан-да, деб ажабланди. Сирни очишга очиб қўйиб, энди гапдан бўйин товлашнинг фойдаси йўқлигини билиб тўғрисига кўчди.
— Уни мен...
— Ана холос! Жамол ўрис шунча йил бирга бўлиб чурқ этмабди-я... Акангизнинг бошидан сув ўгириб ичсангиз арзийди, мулла. Ўзга одам бўлганда, «мен укамни қутқариш учун шу азобларни тортиб юрибман», деб икки жаҳонга жар соларди. Бу гапингиздан кейин Жамол ўрисни яна ҳам яхши кўриб қолдим. Ғанимларим орасида шундай покиза одам борлигидан хафа бўлиб кетаман. Ҳар жангга кирганимда Худодан: «Адашган биродарларимнинг жонини омон сақла», деб сўрайман. Уларнинг қонини тўкишдан қўрқаман.
— Бухородан бу ерга кела-келгунча ўйлаб, ўйимга ета олмадим, тўрам. Худо қайси гуноҳларимиз учун бизга бу азобларни раво кўрди экан. Қачонга қадар бир-биримизни қашқирдай ғажиймиз?
— Бу азоблар ўтади-кетади. Худо хоҳласа, фароғатли кунларга оз қолди.
— Тўрам, айбга буюрмасангиз, бир сўроғим бор эди? — деди Сабоҳиддин иккиланиб.
— Сўрайверинг, — Холиқберди тўра шундай деди-да, лўлаболишдан бирини қўлтиғи остига олиб ёнбошлади.
— Акам билан муросангиз чиқишар экан, нима учун уни ноҳақ йўлдан қайтариб, қанотингиз остига олмадингиз?

Холиқберди тўра бу гапни эшитиб кулиб юборди.
— Жамолни йўлдан қайтариб бўларканми? — деди у кулгидан тўхтагач. Кейин бир оз жиддийлашди: — Уни аввал қиймалаб ташлаб, кейин эт-суягини битталаб териб чиқсангиз ҳам бировнинг айтганига юрмайди. Мен шунақа одамни яхши кўраман. Бировнинг гапига кириб кўч-кўронини кўтараверадиган субутсиздан жуда қўрқаман. Мана шунақа одамлар юртни хароб қилади. Улар билан эҳтиёт бўлиб гаплашиш керак.
— Шўролар ҳақ йўлга қайтмаса, элнинг қони дарё бўлиб оқаверар экан-да?

Холиқберди тўра асабий ҳолда қошларини чимириб Сабоҳиддинга қаради.
— Ярамга туз сепманг, — деди у қовоқ уюб. — Кеча акангиз дилимни вайрон қилиб кетган эди. Элнинг қони тўкилаётган бўлса айбли эмасман. Мен халқимнинг бағрига шамол тегсин, деб бу овлоқларда изғиб юрибман. Менинг Сибирда тортган азобларим ўзимга етмасмиди? Жамол ҳам халқим дейди, сиз ҳам, Зайниддин қори ҳам, Шермат кўр ҳам. Ҳаммамиз халқ деймизу бир-биримизга тиш қайраймиз. Акангиз ўрисларнинг этагини тутайлик дейди. Зайниддин қори туркийпараст. Сиз, албатта, аҳли дин деб туриб оласиз.
— Менингча, энг тўғри йўл шу, тўрам. Ахир ўзингиз ҳам, алҳамдулиллоҳ, мусулмонсиз.
— Алҳамдулиллоҳ... — Холиқберди тўра шундай деб енгил хўрсинди. — Хўп, биз шўроларни енгдик, дейлик, хўш, юртни ким бошқаради? Дин пешволарими? Бунга ҳам кўндим. Хўш, кимга ишонасиз? Аниқ айтолмайсиз? Ўзингиз яхши билган имомингиз Султонмуродга ўхшаганлар юрт оғаси бўлса элнинг шўри қуримайдими? Нимага индамайсиз? Ё Шерматни қўясизми?
— Ўзингиз-чи?

Холиқберди тўра Сабоҳиддинга қараб туриб, кулиб юборди.
— Ҳали ҳам эсингиз кирмабди, мулла. Калта ўйламай, кўзингизни очинг. Шўролардан устун келган куни Холиқбердининг ғанимлари камаймай, яна кўпаяди. Қирғин давом этаверади. Ўзбек асли мўмин-қобил халқ бўлса ҳам, қўчқор тоифалиги бор. Иккитасининг боши бир қозонда қайнамайди. Элни бирлаштириш учун Темурга ўхшаган Худо ярлақаган зот керак! Худо бизга яна бундай зотни раво кўрадими, йўқми, билмайман.
— Тўрам, ақли қосирлигим учун гуноҳимдан ўтинг, назаримда, сиз қудратингизга ишонмайдиганга ўхшайсиз?
— Бу саволингиз ноўрин. Халқ мен томонда. Агар халққа ишонмасам, кўр бўламан... Аммо... сармоядорлар?! Шулардан хавфдаман... Улар юртни хоҳлаган пайтларида сотиб юборадилар. Балки инглизларга аллақачон пуллашгандир ҳам?.. Ҳар куни қуёш чарақлаб турса ҳам дунё қоронғилашиб кетган, оқ-қорани ажратиш мушкул бўлиб қолди. Бухородаги олий зотлар истаги билан сиз қишлоқма-қишлоқ юриб, ваъз айтиб, ислом лашкарларининг ҳаққига дуо қилиб, халқни ҳақ йўлга чорлашингиз лозим экан.
— Тўрам, мен ҳақ ишга жонимни тикканман. Ҳузурингизга келмоғимдан мақсад — жиҳодга кирмоқлик.
— Даъват — жиҳод эмасми? Сизнинг биргина ҳақ сўзингиз милтиқдан учадиган ўнта ўқдан афзал. Милтиқлардан ўқ узувчилар етарли. Сиз бир нарсани фарқлаб олсангиз бас — бу ер Чаноққалъа эмас. Жангдан мурод ҳам ўзга.

Холиқберди тўранинг кейинги гапи Сабоҳиддинга бир оз малол келиб, ўтирган ерида бир қимирлаб олди. Холиқберди тўра буни сезиб, сўради:
— Гапларим ёқмади чоғи? Фикрингизни яширмай айтаверинг.

Сабоҳиддин кўзини ҳамсуҳбатидан узиб, ерга қаради. Фикрни очиқ баён қилишга ижозат берилган бўлса-да, бу имкониятдан дарров фойдаланишга шошилмади. Холиқберди тўра «Ҳа, мулла» деб қўйгач, унга қаради:
— Тўрам, унда ҳам бунда ҳам жиҳоддан мурод — Оллоҳнинг розилиги. Жиндак фарқи шуки, унда мусулмонлар бирлашди. Бунда айри-айрига ўхшаб кўринадир менга. Унда ғаним аниқ эди: инглислар, фарангилар... бунда бир қанот ўрислардан мадад олади, бошқаси инглислардан. Ғайриддинлардан қувват умид қилган қуш яна қафасида қолмасмикин?

Бу гапни эшитиб, Ҳолиқберди тўра маъюс жилмайди:
— Дуруст, дуруст, — деди у, — сиз ҳам акангиз сингари ушлаган ерингиздан кесаркансиз. Келинг, орани очиқ қилиб олайлик, яна ҳузуримдан мавҳум хаёл билан кетманг. Чаноққалъа урушидан хабарим бор. Бўғоздан кофирларнинг кемаларини ўтказмаймиз, деб жангга киришни сиз Оллоҳ розилиги учун жиҳод ҳисоблаяпсизми? Жанжалнинг боши нимада эди, биласизми? Туркия ижозати билан Олмон ҳарбий кемалари бўғоздан ўтиб, ўрисларга ҳужум қилганлар. Буни инглислар ва фарангилар Туркия Олмоннинг шериги ҳисобида муҳорабага кирди, деб ҳисобладилар. Оқибат нима бўлди? Олмония енгилди. Чаноққалъа бўғозидан инглису фарангилар учун барибир йўл очилди. Тўкилган қонлар зое кетди.
— Айбга буюрманг, тўрам... — Сабоҳиддин беиҳтиёр унинг гапини узди-ю, кейин хижолат бўлиб, нигоҳини олиб қочди.
— Гапираверинг, мулла.
— Тўрам, Оллоҳ розилиги учун тўкилган қон зое кетмайди.
— Оллоҳ розилиги учун қон тўкишдан олдин ақлни ишлатиб кўриш керак. Сиз учун жиҳод — илм олмоқлик эди. Оллоҳ сизни илм олмоққа йўллаган эди. Сиз Оллоҳнинг розилигини Чаноққалъада эмас, мадрасада, илм олишда топишингиз лозим эди. Бу томонга ҳам милтиқ кўтараман, деб ошиққанингиз чакки бўлган. Устозларингиз «хатми кутуб» бўлди, деб дуо берганлари билан, илмда қиладиган юмушларингиз кўп эди. Ҳамонки, сиз бунга келибсиз, Бухородаги олий зотларнинг истагини бир оз ислоҳ қиламиз: Сиз Зайниддин қори билан биргаликда Норхўжанинг хизматида бўласиз. Фарғона бир сиқимгина бўлса ҳам қўрбошиларга тўлиб кетди. Ҳаммаси ўзига хон. Сиз Норхўжани тийишга уннаб кўрасиз. У зўпидин ақл билан иш юритмайди сира. Сизга ҳам қулоқ солмайди. Аммо йигитлари оқ-қорани таниб олишлари керак.
— Тўрам, айбга буюрмасангиз, бир нарсани ойдинлаштириш ниятим бор эди.
— Сўрайверинг.
— Кеча акамни кўрганимда... волидаи мукаррамангизнинг қотилларини сизга топшириш учун йўлга чиқишган экан. Шунинг сабаби ҳам... акам билан эски ошначилигингизми?

Холиқберди тўра кулимсиради.
— Ошначилик осойишта кунларда, самовархонада, улфатчиликда бўлади, мулла. Шўролар «Холиқберди ғазабга миниб, дарё-дарё қон тўкади», деб чўчишган. Улар Холиқбердини ҳали яхши билишмайди. Холиқберди қонхўр эмас, тўнғиз ҳам эмас. Онамнинг биргина оҳ ургани учун дарё эмас, денгиз-денгиз қон тўксам ҳам, бу қонни бир умр симириб ётсам ҳам хумордан чиқмайман. Онамни икки-уч муртад ўлдирган бўлса, халқда нима гуноҳ? Халқни тиғдан ўтказганим билан онам тирилиб келмайди-ку? Калта ўйлагани учун акангиздан ранжидим. Аслида у қотиллар шўроники эмас, ўзимизга тегишли одамлар. Бу Жамол ўрисга ҳам маълум. Шунинг учун мен уларга қарамадим. Ўзлари ҳукм чиқариб, бекларимнинг олдида ўзлари отишди. Мен қотиллар билан эмас, уларга фатво берганлар билан, Худо хоҳласа, ҳисоб-китоб қиламан.

Холиқберди тўра шундай деб тиззасига қўл тираб ўрнидан турди. Сабоҳиддин, суҳбат якунланганини англаб, таъзим қилди. Тун бўйи бу суҳбат мағзини чақишга уриниб ухламаган Сабоҳиддин эрталаб қорининг истаги билан Новқатга, ота-онасини йўқлаш учун йўл олди. Норхўжанинг қароргоҳига бошлаб борадиган одамни уйида кутадиган бўлди.

Қизилқияни қоралаб йўлга чиққан Сабоҳиддин Искобил1дан ўтгач, уч қулочли анҳор лабида тарвақайлаб ётган мажнунтол соясида ҳордиқ чиқармоқчи бўлди. Отининг оёғини тушовлаб, эски тўнини ерга тўшади-да, хуржунини ёстиқ қилди. Мажнунтолнинг заиф шохларига тикилиб ўйга толди. Қизиқ, дарахтлар ичида фақат мажнунтолнинг қадди эгик. Ҳатто чинор ёнидаги терак ҳам бўй чўзишга ҳаракат қилади. Бу эса... Элнинг ҳозирги аҳволи шу мажнунтолга ўхшайди. Балки мажнунтол ҳам қадимда қадди тик дарахт бўлгандир. Балки унинг тик шохлари жой, мавқе талашиб, оқибатда совуқ шамоллар заҳрига чидаш беролмай ҳолсизланиб, айри-айрим бўлиб қолгандир? Энди қаддини ростлаш учун неча йил, қанча куч-қудрат керак. Бу элнинг қад ростлаб, кўкрак керишини кўриш Сабоҳиддинга насиб этармикин?..

Йўл машаққати, уйқусиз тунлар азоби кучини кўрсатди: Сабоҳиддиннинг кўзи илинди. Кун кўтарилиши билан соя қочиб, офтоб тиғида қизиб уйғонди. Кўзини очди-ю, атрофга олазарак қараб, отини излади. Сесканиб, ўрнидан турди. У ён-бу ён юрди — от йўқ. Улови қайси бир чапдастнинг ўлжасига айланганини билиб, хуржунини елкасига ташлади-да, йўл ўртасига тушди. Юришини ҳам, юрмаслигини ҳам билмай турганда, қўқонараванинг қораси кўринди.

Мудроқ аравакаш Сабоҳиддиннинг илтимосини бееътибор эшитди. Кейин орқасига ярим ўгирилиб:
— Сиқилишиб қолмайсизларми, тоға? — деб сўради.

Аравадаги уч қариянинг кексароғи соқолини тутамлаб, унга норози қиёфада боқди.
— Гапингни қара-ю, сўлтамат! Аравангга яна битта подшоликнинг одами сиғади. Юрагингни кенг қил, — деди жиккак қария, кейин сўзини тугатмай Сабоҳиддинга юзланди. — Қани, ўғлим, хуржунни узатинг. Одамнинг феъли сиқиқ бўлса, кўзига дунё ҳам тор кўринади. Қани, қўлни беринг, ҳа, баракалла. Бу сўлтаматдан хафа бўлманг. Замон оғир. Йўлда учраган одамга хавотир кўзи билан қарашга ўрганиб қоляпмиз...
— Кеча йўлимни тўсишган эди, — деди аравакаш ўзини оқлаш ниятида.
— Ана кўрдингизми, — деб уни қувватлади жиккак чол, — одамзот озга сира қаноат қилмас экан-да. Норхўжа йўлтўсарларни билсами, нақ путини йириб ташлар. Босмачи бошқа, у бошқа.
— Агар қорни очлар босмачи бўлса, мана, биз ҳам тоғ-тошда санқирдик, — деди ёши улуғроқ қария. — Улар юртни ўйлашяпти экан.
— Норхўжа азалдан шунақа, — деди суҳбатга қўшилмай ўтирган чалакўса қария. — Эслайсизми, Йикчи эшонга мурид тушиб юрган эди. Худонинг раҳми келиб тирик қолди. Замон алғов-далғов бўлиб, яна жонини гаровга тикибди. Фикримча, у қорнига йиғламайди. Катта бир тахтни мўлжал қилган-ов...
— Тахт?! Бу ёқда Холиқберди тўра турганда унга йўл бўлсин?
— Ноумид шайтон. Шундай нияти бўлмаса, дарбадарлик юкини елкасига олмас эди. Ўзига лозим бўлса, Худодан саратонда ҳам қор ёғдиришини сўрайдурган одам у.
— Келинг, қўйинг, сўлтаматни чайнамайлик. Яна хизрни йўқлаган бўлиб унга йўлиқмайлик. Оч қорним-тинч қулоғим. Бир-бирини ғажий-ғажий охир силласи қуриб тинчиб қолишар...

Сабоҳиддин қариянинг бу сўзларини эшитиб, беихтиёр Салимхўжани эслади. У ҳам бир суҳбатида: «Бир-бирининг илдизига болта уриб бўлишини ғанимлар интиқлик билан кутиб ётишибди», деганди. Дарвоқе, ҳозир Салимхўжа қаерда экан? Зиндондан қутула олдимикан? Бечора ушоққина эди, ишқилиб, Худо ўз паноҳида асрасин-да...

Қариялар экин-тикиннинг авжи ҳақида сўз юритиб, Сабоҳиддинни суҳбатларига тортмадилар. Кеча кўрган-кечирганлари билан боши гаранг бўлиб ўтирган Сабоҳиддин учун бу айни муддао эди. Қизилқияга шом чоғида етиб келишди. Сабоҳиддин, улов топилмагани учун ноилож шу ерда тунади. Эрталаб мўйлови энди сабза уриб, овози дўриллаб қолган аравакаш йигитга ҳамроҳ бўлди. Йигит Қизилқияга юмуш билан тушган, ишини битказиб, кайфи чоғ бўлиб қайтарди.

Арава аста чайқалиб боради. Йўлнинг икки томони тоғ. Тоғларнинг бели қип-қизил. Худди биров унинг кўксига бехос қилич тортиб юборгану энди бағридан қон сизиб чиқиб тургандай. Бундай ғалати тоғ бошқа ерда бўлмаса керак. Ҳозир Сабоҳиддин гўё икки тоғ орасида эмас, икки ўт орасида куйиб, ёниб борар эди. Акасини кўргандаги қувончи сўнган, тунги учрашув, Холиқберди тўра билан бўлган суҳбат уни гангитиб қўйган эди. Ака-уканинг ораларига қилич тушиши тайин.

Йигит от устида бир ёнга сал қийшайиб ўтирибди. Қамчи ушлаган қўли худди жонсиздек. Аҳён-аҳёнда отга қамчи уриб қўяди. Баъзан мунғайиб ўтирган ҳамроҳига қарайди. Сабоҳиддиннинг ўйга берилганини кўриб, индамайди. Ўзича хиргойи бошлайди: Севиб олган ёрингиз мунча чиройли ёр экан,
Қўлларимга сув беролмас, сурати ҳайвон экан.
Йигит қўшиқ сўзларини яхши билмайди шекилли, қолганини ямлаб-ютиб айтди. Ашула ярмига бормай, бир оз жимиб қолди-да, сўнг бошқасини баландроқ овозда бошлади: Томга тариқ сочилган,
Ҳай бола, бола, омон ёр...
Бу қўшиқ ҳам чала-ярим бўлди. Бироқ Сабоҳиддинни елкасидан босиб турган ғам юкини бир оз енгиллатди. У хаёллар домидан қутулиб аравакашга қаради.
— Ашулани яхши айтар экансиз, — деди.
— Э, зерикканда бир хиргойи қилиб қўямиз-да, ака. Ашулани яхши кўраману, сўзларини тўла билмайман. Мана, кечаги базмда бир ашула эшитиб ёдлаб олган эдим. Ҳозир эсимдан чиқибди. Балки сиз биларсиз?
— Невлай?
— Эшитиб кўринг-а:

Қаро қуш қичқириб ўтди, уёсида илон кўрди,

Балиқ кўксини чок айлаб, азим дарёда қон кўрди.
— Йўқ, бунақа ашулани эшитмаган эканман.
— Ўзим ҳам биринчи марта эшитувдим. Ҳай, майли, насиб этса яна эшитармиз. Муллака, бу ерларга ҳеч йўлингиз тушганмиди илгари?
— Ҳа, бир-икки ўтганман.
— Муллака, сўраганнинг айби йўқ, исмлари нима эди? Ҳали ҳийла йўл юрамиз, гаплашиб кетайлик. Менинг исмим Абдусаттор.
— Сабоҳиддин.
— Э-ҳа, энди танидим. Боятдан бери кўзимга иссиқ кўринятувдингиз. Сиз Жалол тоғанинг ўғлисиз-да, а?
— Ҳа.
— Бухорода ўқирдингиз-да, а? Акангизни ҳам биламан. Маъмур бойваччани ўлдириб сибир бўлган эканлар. Чамаси, бирон йилча бўлди қайтганларига. Раҳматли Жалол тоға у кишининг...
— Нима?! Нима дедингиз?
— Ие, эшитганингиз йўқмиди?.. Жалол тоға... Жалол тоғанинг йигирмаларини ҳам ўтказдик.

Сабоҳиддин унинг бошқа сўзларини эшитмади. Дунё кўзига қоронғи бўлиб кетди. Бўғзига йиғи келмаган бўлса ҳам, нафаси сиқилди. Абдусаттор аравани тўхтатди. Мешдан сув қуйиб узатди. Сабоҳиддин ичмади. Абдусаттор нима қиларини билмай бир оз турди. Кейин аравага чиқди-да, отга енгил қамчи урди. То Новқатга етиб боргунларича Сабоҳиддиндан садо чиқмади. Абдусаттор ҳам уни гапга тутмади. У аравани тўғри Сабоҳиддинларнинг уйига ҳайдади.

Сабоҳиддин аравадан тушиб уйи томон юрди. Оёғи худди кишан урилгандек оғир эди. Деворлари нураган, етим бола каби мунғайиб қолган уйни кўргач, мижжасига ёш келди. Юрагидан отилиб чиққан фарёдни томоғи ғиппа бўғди. Кўчада йиғлаб юбормаслик учун қадамини тезлатди.

Сабоҳиддин ичкари кирди-ю, чўнқайиб ўтирганча қумғон қайнатаётган онасини кўрди. «Буви, бувижон!» деб қичқирмоқчи бўлди. Аммо овози чиқмади. Томоғига нимадир тиқилди. Кўзлари ёшланди. Юрагида уйғонган ҳайқириқ лабидан сассиз учди — она ўғлининг дардли нидосини эшитмади. Бироқ орқасида кимнингдир нигоҳи қадалаётганини ҳис қилиб, ялт этиб қаради. Ўғлини бир нафас танимади... Йўқ, йўқ, таниди. Фақат кўзларига ишонмади. Кўраётгани туши ҳам эмас, сароб ҳам эмас, балки зоҳир эканига ишонч ҳосил қилгач, аввал лабларига титроқ югурди. Кейин титроқ турган тиззаларини ушлаб, қаддини ростлади. Сўнг «болам, болажоним...» деганича қанот ёйиб ўғли томон юрди. Сабоҳиддин юрмоқчи эди, бироқ жон чиқиб кетган оёқларини босолмади. Ҳолсизланиб тиз чўкди. Шу алфозда бошини она бағрига қўйди. Онасининг йиғлаб айтган гапларини эшитмади. Қулоғига шу топда фақат она юрагининг дукиригина уриларди.

Йиғи овозини эшитиб қўни-қўшнилар чиқди. Аёллар йиғи-сиғи қилиб бўлгач, ичкарига кириб кетишди. Сабоҳиддин эса девор-дармиён икки қўшниси билан айвонда қолди. Тиловат қилди.
— Раҳматли Жалолиддиннинг жойи жаннатда, роҳат-фароғатда юргандир. Бу дунёда кўп ғам чекди бечора.
— Узоқ ётдиларми?
— Бир нафас ҳам ётмади. Шу ёшга кириб «ум» деганини билмайман. Раҳматли ҳали бақувват эди. Шу баҳорда ҳам ҳеч кимга сўз бермай, ерини ўзи ағдарди-да. Худонинг шафқатини қаранг, жонини қийнамайгина олди.
— Ўғлим, дадангизнинг қандай жон берганларидан бехабарсиз-а?
— Хабарим йўқ.
— Раҳматли дадангиз омонатларини масжидда топширдилар.
— Масжидда?
— Ҳа, масжидда. Дадангиз масжидимизда сўфилик қилаётган эдилар. Пешин намозидан сўнг супуриб-сидириб, энди кетаман, деганларида, қаёқдандир бир дайди ўқ келиб...
— Ким отибди?
— Ким отганини ҳеч ким билмайди. Қишлоқ тинч эди. Фақат уч марта ўқ овозини эшитдик. Кейин: «Жалол сўфини ўлдириб кетишибди», деб хабар қилишди. Масжидга борсак, қонга беланиб ётибдилар. Иккита ўқ кўкракларига теккан экан. Битта ўқ масжид эшигига санчилиб қолибди. Уч кундан кейин кўрдик.
— Сиз кўп қайғураверманг, ўғлим. Оллоҳнинг иродаси-да. Ҳаммамиз бу дунёда омонатмиз. Барчамизнинг пешонамизга ўша ёғоч отга миниш ёзилган. Дадангиз имон билан кетдилар, шукур қилинг.

Сабоҳиддин бундай пайтда айтиладиган жуда кўп оятларни, ҳадисларни ёддан билса-да, қўшни оқсоқолнинг бу жўнгина гапларидан тасалли олгандек бўлди. Аммо юракда қолган армонга ҳеч қандай тасалли кор қилмади.

Қоронғи тушгани сабабли қабристонга эрта тонгда борадиган бўлишди. Соҳиба ая ўғлига Жалолиддин аканинг сўнгги кунларини, «Юрагим сиқиляпти», «Алоқ-чалоқ туш кўрдим», деганларини, яна аллақанча майда-чуйда гапларни бир-бир сўзлаб берди.
— Машҳура кўринмайдими? — деб сўради Сабоҳиддин унинг гапларини эшитиб бўлгач. У онаси билан кўришаётган чоғидаёқ кўзлари билан синглисини излаган, аммо қўшни аёллар чиқиб қолиб, сўрашга улгармаган эди.
— Машҳурани... Султонмурод олиб кетдилар.
— Қаерга?
— Невлай. Раҳматли дадангизнинг йигирмаларига келиб, бош бўлиб турдилар. «Замон нотинч, уйингизда эркак йўқ, бўйи етган қиз, уволига қолмайлик, ўзимнинг паноҳимда бўлсин», деб...
— Қаерга олиб боришларини айтмадиларми?
— Айтдилар... Норхўжа эшоннинг қароргоҳи, дедилармикин...
— Индамай юборавердингизми?
— Вой, болам, худонинг зорини қилдим... Гапимга қулоқ солсалар экан. Ёлғиз аёл бошимга шунча кулфат каммиди, болам? Икки қанотим қирқилган бўлса, отангиз бир оғиз васият қилмай ўтган бўлсалар, қўни-қўшнилар орага тушишга қўрқишса, қўлимдан нима келарди? Худога солдим. Худодан қайтсин...

Сабоҳиддин онасининг ёш тўла кўзига қарай олмади. Имомнинг қилиғини қанча ўйламасин, тагига етолмади.

Эрталаб қабристонга бордилар. Сабоҳиддин қабрни қучоқлаб, тунги салқинга тўйган тупроққа бағрини бериб ётди. Онасига қўшилиб борган қўшни аёллар йиғи бошлашди.

Сабоҳиддин қаддини кўтаргач, аёллар тинчишди. Тиловат бошланди. Сўнг Сабоҳиддин аёлларни уйига жўнатди. Қабристонда якка-ёлғиз қолди. Гўё ота меҳрига қонаётгандек қабрга узоқ тикилди.
— Дадажон, илоҳим жойингиз жаннатда бўлсин, — деб пичирлади лаблари.
— Иншооллоҳ, — деб жавоб берди хаёлидаги дадаси.
— Бизнинг роҳатимизни кўролмай кўзингиз очиқ кетди. Гўрингизга бир сиқим ҳам тупроқ ташлай олмадик.
— Оллоҳнинг иродаси бу, ўғлим. Чироғимни ёқиб турсаларинг, бас.
— Энди кимга суянаман? Маслаҳатгўйим ким?

Жавоб йўқ. Чунки отаси билан Сабоҳиддин хаёлан сўзлашаётган, фикрида эса бу саволга жавоб йўқ эди.

Кечқурун уйларига Султонмурод кириб келди. Сабоҳиддинга ҳамдардлик билдирди-да, марҳумнинг руҳига бағишлаб тиловат қилди. Тайинсиз мавзуларда бир оз суҳбатлашишгач, Сабоҳиддин муддаога кўчди.
— Тақсир, мен Норхўжа эшоннинг ҳузурларига боришим керак экан.
— Ҳа, ўғлим. Имонини йўқотмаган ҳар бир мусулмоннинг ўрни ўша ерда. Аммо сиз ҳозирча бу ҳақда ташвиш тортманг. Уч-тўрт кун дам олинг. Раҳматли дадангизнинг руҳларига хайри-худойи қилинг. Эшон ҳузурига бирга борамиз. Мен шунинг учун келганман. Манавини олинг, харажатларга лозим бўлади.
— Тақсир, синглим...
— Машҳура соғ-омон. Бирон номаҳрамнинг кўзи унга тушмайди.
— Уни уйга қайтарсак, онам ёлғизлар.
— Буни кенгашиб кўрамиз. Ҳозир зинҳор ташвиш тортманг.

Султонмурод шундай деб чиқиб кетди. Сабоҳиддиннинг норизо нигоҳи унинг изларига қадалиб қолди...

Сабоҳиддин эсини танибдики, шу хасис одамни билади. Мактабга қатнаётганида домланинг яхши гапларини ҳам эшитган, калтагини ҳам кўп еган. Жамолиддин ўқишни хуш кўрмас, калтак егандан кейин ҳафталаб тутқич бермасди. Ўғлининг ўқишга бўйни ёр бермаётганини кўриб, отаси уни мактабга юбормай қўйди. Сабоҳиддин акасининг тескариси, тез оловланар ва шундай тезлик билан сўниб, итоаткор бўлиб қоларди. Кечаси жанжал-тўполон билан мактабга бормасликка аҳд қилган одам, эрталаб бурнини торта-торта йўлга тушарди. Хиёл улғайиб, шўхлиги авжга чиқиб, қишлоқдаги ўспиринларга ҳам бас кела бошлагач, бир томондан отаси, бир томондан домла сиқувга олиб, бўйнига итоат занжирини солишга уриндилар. Уларнинг бу ҳаракати самара берди. Маъмур бойвачча воқеасида занжир узилай деди-ю, аммо Султонмурод усталик қилиб қолди. Сабоҳиддинни итоаткорлик тўрига чирмаб ташлади.

Сабоҳиддиннинг Бухорога бориши аниқ бўлгач, Султонмурод уни йўқлаб, панд-насиҳат қилди:
— Оллоҳ-таоло барча бандаларига раҳм-шафқатни бир хилда сочган. Одам зоти ризқини кучи етганича ўзи териб ейди. Жаноб расулиллоҳ дейдиларки: «Тангрим сизларни ер юзида ворис этган ва ўзи ато қилган нарсалар билан бизларни синаб кўриш учун баъзиларингизнинг даражангизни бошқаларникига нисбатан юқори қилиб қўйган». Яна Муҳаммад алайҳиссалом айтадиларки: «Баъзи бир оилаларнинг бу дунёдаги ҳаёти фаровон этилмиш, уларга аталган нарсаларга сен кўз тикма». Демоқчиманки, Оллоҳ-таоло Маъмур бойваччанинг бу дунёсини фаровон этмакни иноят қилиб, унинг ризқига ризқ қўшган. Акангиз хотинини талоқ қилгач, Худо ўзининг бу ожиза бандасини ҳам Маъмур бойваччага инъом этди. Гарчи Маъмур бойвачча янгангиз талоқ бўлмасидан илгари дон олишган тақдирда ҳам сизнинг ўлдирмоғингизга ҳуқуқингиз йўқ. Зинокорга жазони Оллоҳнинг ўзи белгилаган. Аммо Тангри билан бандалар ўртасида шайтон бор. Оллоҳ-таолонинг тўлиқ ҳикмати ва инояти бирлан жаннатдан қувилган шайтон мўмин-мусулмонларни ҳақ йўлдан оздиришга ҳаракат қилади. Маъмур бойваччанинг бегуноҳ қонини тўккан кимса шайтон васвасасига учиб, Худонинг қаҳрини келтирди. Жамолиддин бегуноҳ. Унинг гуноҳсизлиги Оллоҳ-таолога, менга ва яна бир кишига аён. Жамолиддин ўн уч йил дўзах азобини тортади. Унинг уволи ҳам қотилнинг елкасида.

Султонмурод шу зайлда гапни айлантириб-айлантириб, айб сиртмоғи ясади-да, Сабоҳиддиннинг бўйнига ташлади. Сабоҳиддин бу сиртмоқ олдида иложсиз қолди. Аммо тақсир унинг бошини силаб, раҳм-шафқат кўрсатди:
— Сиз ҳозир бориб, «Маъмур бойваччани мен ўлдирган эдим», десангиз ҳам акангиз Сибирдан қайтарилмайди. Бу бирламчи. Иккиламчи — сўзларингизга ҳеч ким ишонмайди. Аммо, умид чиннисини синдира кўрманг. Тавбалар қилинг, Тангрининг шафқати беқиёс. Оллоҳ, акангизни Сибирнинг дўзахий азобларидан барвақт халос этиб, сизнинг ҳам гуноҳларингиздан ўтса ажаб эмас. Бунинг учун сиз бутун борлиғингиз билан ибодат қилмоғингиз, бу дунёнинг роҳатларидан воз кечмоғингиз лозим. Ибодат чоғида Оллоҳга шундай сиғининг-ки, хушуъ чоғида қилич кўкрагингизга санчилиб, курагингиздан чиқса ҳам сезманг. Мен бефарзанд, Худонинг бир бечора бандасиман. Сизни ўғлим қатори кўриб, меҳр қўйган эдим. Сизни ёш деб фаҳмлаб, ортиқча азобларга гирифтор бўлмасин, деб ўша куни ёлғон гапирдим. Елкангиздаги гуноҳларнинг ярми менинг бўйнимга тушди. Шу топгача гуноҳ ишга қўл урган банда эмасман. Гуноҳларимни ювиш учун тоат-ибодатларимнинг ўзи кифоя эмас. Иншооллоҳ, хатму кутуб қилганингиздан сўнг, агар Тангрим умримизни берса, бирга ҳаж қилиб, Каъбатуллоҳни тавоф этиб, Оллоҳдан гуноҳларимизни сўраймиз.

Султонмурод бир неча марта уйланганига қарамасдан, бефарзанд эди. Унинг меҳр билан айтган сўзларига Сабоҳиддин ишонди. Аммо Сабоҳиддин унинг қалбида яширинган ниятидан бехабар эди. Султонмурод Андижон мадрасасида билим олган, дадасининг топиш-тутиши ҳам ёмон эмасди. Бошқаларга нисбатан зийракроқ бўлгани, яхшироқ билим олгани учун дурустроқ обрў-эътиборни хаёл қилганди. Қишлоғига оддий имом бўлиб қайтиш уни қаноатлантирмас эди. Юртнинг энг обрўли уламолари қаторидан ўрин олиш йўлларини излаб юрганда халқ бесаранжом бўлиб қолди. Йикчи эшоннинг ғалабасига ишониб, таҳсилни ҳам ташлади-да, унинг этагидан тутди. Қирғизлар тоғдан тушиб эшонни ҳол-жонига қўймай оқ кигизга ўтказиб, «Хон» деб эълон қилишганда Султонмуроднинг юраги хаприқиб кетди. Эшонга мадҳия айтаётганлар орасидаги Султонмурод кўзини бир юмди-ю, оқ кигиз устида Йикчи эшонни эмас, ўзини кўрди. Бу манзара — оқ кигиз устида виқор билан ўтирган Султонмурод онгига муҳрланиб қолди. Ҳужум бошланганда ҳам, бир неча соат ичида ғалабадан умидини узиб қочганда ҳам, катта обрў истагида Бухоро мадрасасига йўл олганда ҳам, ҳатто тунлари ўғринча қўшни маҳаллага бориб юрганларида ҳам шу манзара кўз олдидан нари кетмасди. Назарида, Худо уни хон бўлиш учун яратгандай эди. Ўша маҳаллага қатнаб юрганида жуҳуд йигитларнинг қўлига тушиб бичиб қўйилгач, нияти дарз кетди. Аммо Худодан умидвор бўлиб юраверди. Бироқ ҳар қанча уринмасин, иши орқага кетаверди. Оқибатда, Бухоро мадрасасидаги таҳсил ҳам чала қолиб, қишлоғига қайтди. Қайтдию бойлик тўплашга киришди. У энди хонликдан умидини узиб, вилоятдаги энг бой одамга айланишни истаб қолди. Оёғи остидан Сабоҳиддин можароси чиқди-ю, бу ҳам бир коримга ярар, деб дилига тугди. Сабоҳиддинни Бухорога юбориб, у бир ўқ билан икки қуённи урган эди. Аввало қорабайирга етишиб, уни тузуккина ақчага пуллади. Қолаверса, назарида, Сабоҳиддин ундан маънавий қарздор бўлди. Фарғонада ғалаёнлар бошлангач, у эски таниши Норхўжанинг этагидан тутди. Норхўжа унга рўйхуш беравермагач, Сабоҳиддинга муҳтожлик сезди. Бахтига Холиқберди тўра бошқа қўрбошига эмас, айнан Норхўжага юборибди. Аммо Зайниддин қорининг ҳам келиши Султонмуродга ёқмади. Ундан қутилиш йўлини излай бошлади...

Султонмурод пул ташлаб кетгач, Сабоҳиддин Салимхўжанинг куюниб айтган гапларини эслади. Бухорода эканида ўз эркича турмуш кечира олишга қурби етадигандек эди. Аммо ўт-олов бағридан ўтиб келар чоғида кўрган-эшитганлари уни анчайин ўйлатиб қўйди. Ўз майлича яшай олмаслигига ишонч ҳосил қилди. Шу тобда Салимхўжани, унинг суҳбатларини қўмсади. Салимхўжа ҳозир ёнида бўлганида, «айтмовдимми», деб гина қиларди. Аввал қошларини чимириб ўйга толарди. Кейин айрим шахслар манфаатидан юрт-эл манфаати устунроқ экани ҳақида гапирарди. Сўнг ирода ҳақида, балки ойдин мақсад ҳақида сўз очарди. Ҳар нечук, Сабоҳиддинни маслакдош деб билмаса-да, унга далда бўларди. Афсуски, Салимхўжа узоқда қолган. Бу ерда эса фикрлашадиган, дардлашадиган ҳеч ким йўқ. Бундан буён бўлмаса ҳам керак.

Энди истаса-истамаса Норхўжанинг ҳузурига боради. Чунки Машҳура ўша ерда.

* * *

Девона хириллаган овоз чиқариб титрай бошлагач, Рҳақ ундан кўзини олди-да, ташқарига чиқиб кетди. Девона ўша куни остона ҳатламади.


Avvalgi
I- qism