OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

5 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифТоҳир Малик
Асар номиДевона (ИИ- қисм)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Тоҳир Малик
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Китоблар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм385KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/12/14
Манбаhttp://forum.ziyouz.com/ind...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Девона (ИИ- қисм)
Тоҳир Малик

Синов

Кесганбелга шом тушди. Асқарали, чойхонада ҳеч ким қолмаган бўлса-да, Дилмурод келиб қолар, деб пойлаб ўтирди. Кундузги воқеа асирлигидан қутула олмаган Рҳақ-Мирзавой ҳам ноилож самовархонада қолди. Асқарали чой дамлаб келиб сўрига чиқди-да, Мирзавойни ёнига чорлаб, чой қуйиб узатди.
— Дилмуроджон ҳам худди тўнғичимга ўхшаб бесаранжом эканлар, — деди у кафтига нос ташлаб,— тўнғичим ўзига-ўзи қилди. Раисликни туппа-тузук эплаб турувди. Халқ ҳам ундан рози эди. Испанияга боришнинг нима кераги бор эди унга, ҳайронман. Бегона юрт бўлса, у ерда амма-холаси бўлмаса. На аза очишни биласиз, на кутишни...
— Кетаётганларида ризолик бериб эдингизми?
— Ризолик... — Асқарали бир зум ўйланиб бош ирғади-да, кафтидаги носни яна носқовоққа қайтариб тўкди. — Ризолик бермай иложим қанча?
— Бошқаларнинг дардига бефарқ қарамаса, яхши одам экан ўғлингиз.
— Нимасини айтасиз. Шу колхозни деб неча ўлиб, неча тирилган. Агар ўғлим елиб-югурмаганда Мамарайимга ўхшаганлар қишлоқнинг ярмини қулоқ қилиб юборишарди. Келиб-келиб рўйхат тузишни Мамарайимга топширишибди. Битта сигири борни ҳам тиркабди-да рўйхатга бу занғар. Йўқ, ўғлим йўл бермади. Катталаргача бориб келди. Бўлмаса унга нима эди? Рўйхатни Мамарайим тузган. Гуноҳи ҳам унинг бўйнида... Ғалати бола эди тўнғичим, эсиз, пешонамга сиғмади. Боламдан зурриёт қолмади. Шунга куяман. Боёқишнинг Сабохонда кўнгли бор экан. Бошқага уйланмади. Сабохоннинг ҳам кўнгли бор эди ўғлимга. Аммо отаси иблислик қилди. «Тўртта одам йиғилса, қудам шу киши бўлади, деб чўтирни кўрсатаманми?» дебди. Гапини қаранг, занғарнинг. У аслида менинг чўтирлигимдан ор қилмаган. Фойда унса мохов билан оғиз-бурун ўпишади у одам. Мўмайроқ қалинга умид қилган, чамамда. Ўғлим раис бўлгани билан эчкимиз ҳам йўқ эди. Э, ишқилиб омон бўлишсин. Дунё шунақа экан-да.

Асқарали кафтига нос тўкиб, тилининг тагига ташлади-да, кафтини қоқди.
—Туриб-туриб Сабохонга ачинаман. Отасининг раъйига қараб бебахт бўлди, бечора. Қайнағаси ўзини осиб қўйгандан кейин эри тўсатдан ғойиб бўлди. Ерга кириб кетдими, осмонга чиқдими — ҳеч ким билмайди. Сабохон икки ўт орасида куйиб адо бўляпти. Эрини кутай деса, куз келса уч йил бўлади — ном-нишон йўқ. Бошқасини эр қилай деса — боши очиқ эмас. Тағин ҳам аёл зотининг жони темирдан бўларкан. Бошимга бунақа ғам тушса, мен чидамай, тарс ёрилиб кетардим... — Бу гапларни эшитиб Рҳақ-Мирзавойнинг кўз олдига Назира келди. Сабохоннинг узори Назирага ўхшаркан, деб юрса, қисмати ҳам бир экан-ку? Назира ҳам кўнгил қўйганига етишолмай азобда қолган эди. Сабохон ҳам. Наҳот биргина гапни айтиш қиз бола учун шунчалар машаққат бўлса?.. Бу ҳолни биров баён қилса Рҳақ ишонмас эди. Назирани кўриб, иккиланган эди. Сабохоннинг қисмати энди уни буткул ҳайратга солди... Чунки у аёлнинг гўзаллиги ташқи чиройида эмас, балки ҳаёда, номусда, иффатини сақлашида эканини ҳали билмасди.
— Чойга қаранг, — Асқарали шундай деб пиёлани чертиб қўйди. Рҳақ-Мирзавой сергак тортиб, Асқаралининг қўлидан пиёлани олди. — Хаёл олиб қочдими, дейман-а? — деди Асқарали унга синов назари билан қараб.
— Ҳа... аёлларни ўйлаяпман. Бировга кўнгил қўйишса ҳам «яхши кўраман», деб айтишолмайди.
— Бе, айтиш қаёқда! Яхши кўришнинг дарди ҳам, лаззати ҳам шунда бўлса керак-да. Қизларни гапирасиз, эркак бўла туриб вақтида йигитлар ҳам чайналиб қолишади-ку... Ўғлимни айтинг. Бир оғиз гапирмади. Испанияга кетяпман, деди-ю, жўнаворди. Сабохоннинг дарди ичида, қон-қақшаб қолаверди. Мирзавой, иним, бизнинг бир айбимиз бор: ҳамма нарсани ипидан-игнасигача билишни истаймиз. Шу денг, сиздан бир нарсани сўрамоқчиман: юришингиздан сўққабошга ўхшайсиз. Уйланмаганмисиз?

Рҳақ бундай савол берилишини ҳисобга олиб қўйган эди, шу сабабли иккиланиб ўтирмади:
— Йўқ, — деб кулимсиради.
— Шу пайтгача-я? Наҳот бирон-бир жонон юрагингиздан урмаган бўлса!
— Шунақаси топилмади-да, Асқарали ака.
— Бе! — Асқарали шундай деб кулди. — Дунёни айланиб юраверибсиз-ку, ишқ-муҳаббат кўчасига кирмабсиз-да, а? Қўйинг-э, иним! Севги дардини тортмаган бўлсангиз, ҳали дунёга келмабсиз. Сизга қойил бўлмадим. — Асқарали Рҳақни елкасига уриб қўйди. — Ҳали ҳам кеч эмас, кўчага чиққанда сал бошингизни кўтариб, кўзингизни каттароқ очиб юринг. Биронтасига юрагингиз «жиз» этса, ўртада мана мен кафил.

Юрак «жиз» этиш... Қизиқ одам экан бу Асқарали. «Жиз» этгани билан Рҳақ унга дардини оча олармиди. Қизиқ... Бу қанақаси?! Ерга тушган заҳоти Назирани излади, кейин Сабохонни кўрганда ғалати бўлди. Энди рост гапни айтолмаяпти. Бу юрагида уйғонаётган муҳаббат белгиларими? Сабохонга кўнгил қўйяптими? Ана холос!
— Иним, чойни ичинг, совияпти...

Рҳақ бу гапдан кейин хаёлини йиғиб, совиб қолган чойни шошилиб ҳўплади-да, пиёлани узатди.
— Баъзан уйқум ўчиб, осмонга қарайман, — деди Асқарали пиёлага чой қуя туриб. — Бир куни тўнғичим, юлдузларда ҳам одам яшар экан, деган гап топиб келган эди. Шундан бери, ўй ўйлаб ўйимга етолмайман. Юлдузларда одамлар бўлса бордир, аммо уларда ҳам муҳаббат деган ҳис бормикин? Бизга ўхшаб бир-бирини яхши кўриб, дардини ичига ютиб яшармикин?

Рҳақ бу гапни эшитиб, бирдан Тангни эслади-ю, беихтиёр: «Йўқ», деб юборди. Асқарали унга саволомуз қаради.
— Муҳаббат йўқ дейсизми?

Рҳақ вужудидаги ҳисни бошқара олмай, сирини ошкор қилай деганини тушунди. Гапни бошқа мавзуга буриш мақсадида чайналди:
— Муҳаббат... эмас, юлдузларда одам яшамаса керак...

Хайрият, бахтига Асқарали унинг довдирашини сезмади.
— Ким билади, одамларнинг оғзидаги бир гап-да, бу, — деди-да, чойнак-пиёлани олиб ўрнидан турди.— Дилмуроджон бугун қайтмасалар керак. Улов бўлмаган кўринади. Эзмаланиб сизни ҳам уйқудан қўймай.

Рҳақ-Мирзавой Асқарали билан хайрлашиб, шифохона томонга ўтди. Аммо ичкари кирмай остонада туриб қолди. Самоварчининг муҳаббат ҳақидаги гаплари унинг хаёлини чалғитди. Рҳақ Девона бошидан кечирган воқеалар билан танишгач, ҳеч ким билан суҳбатлашмай, ётаман, деб ўйлаган эди. Девона туфайли вужудида уйғонган туйғулар азоби унга етиб ортар эди. Аксига олиб, самоварчи гапга тутди. Гапга тутганда ҳам ярасини янгилаб, туз сепди. Рҳақ учун мана шу туйғу ҳозир ортиқча эди. Муҳаббат ҳақида, Назира, Сабохон ҳақида ўйлашни истамасди. Шунинг учун ҳам тўхтади. Орқасига ўгирилиб, қабристон томонга қаради. Кўз олдига титроқ босган Девона келди. Ўзининг баданига ҳам енгил титроқ югуриб, жунжикди. Ичкари кирди. Рҳақ Девонанинг бошига тушган барча савдоларни билмаса-да, ақлдан озиш сабабини англади.

Ерликларнинг юраги тангликларникига нисбатан анча кичик. Асаб ҳужайралари ҳам кам. Аммо шу митти юракка тушувчи руҳий куч бир неча баравар катта. Рҳақ бу фикрни, бу номутаносибликни аввалги сафар чоғида сезмаган экан. У ёшлигида, тарихни титкилаш орзусида юрганида, тангликларнинг бир вақтлар бешта бармоғи бўлганини тасодифан эшитган эди. Жисмоний ҳаракат камайган сайин бармоқлар кичрайиб-кичрайиб, охири иккитаси йўқолган экан. Балки юрак бунинг аксидир? Ҳис-туйғу, руҳий юк камайгани сайин тангликларнинг юраги катталашиб кетгандир. Ахир у ҳозир қон ҳайдашдан бўлак ишни билмайди-ку?! Юрак кераксиз ҳислардан, демакки, ортиқча руҳий юкдан холи қилингани маъқулдир. Лекин меҳрдан узмаслик керак экан. Рҳақ бунинг азобини Тангда сезмаган эди. Ерга тушиб, билди. Билди-ю, оғир юк кўтарувчи ана шу митти юрак эгаларига ҳаваси ошди.

Рҳақ вужудидаги ҳисни бошқара олмай, сирини ошкор қилай деганини тушунди. Гапни бошқа мавзуга буриш мақсадида чайналди:
— Муҳаббат... эмас, юлдузларда одам яшамаса керак...

Хайрият, бахтига Асқарали унинг довдирашини сезмади.
— Ким билади, одамларнинг оғзидаги бир гап-да, бу, — деди-да, чойнак-пиёлани олиб ўрнидан турди.— Дилмуроджон бугун қайтмасалар керак. Улов бўлмаган кўринади. Эзмаланиб сизни ҳам уйқудан қўймай.

Рҳақ-Мирзавой Асқарали билан хайрлашиб, шифохона томонга ўтди. Аммо ичкари кирмай остонада туриб қолди. Самоварчининг муҳаббат ҳақидаги гаплари унинг хаёлини чалғитди. Рҳақ Девона бошидан кечирган воқеалар билан танишгач, ҳеч ким билан суҳбатлашмай, ётаман, деб ўйлаган эди. Девона туфайли вужудида уйғонган туйғулар азоби унга етиб ортар эди. Аксига олиб, самоварчи гапга тутди. Гапга тутганда ҳам ярасини янгилаб, туз сепди. Рҳақ учун мана шу туйғу ҳозир ортиқча эди. Муҳаббат ҳақида, Назира, Сабохон ҳақида ўйлашни истамасди. Шунинг учун ҳам тўхтади. Орқасига ўгирилиб, қабристон томонга қаради. Кўз олдига титроқ босган Девона келди. Ўзининг баданига ҳам енгил титроқ югуриб, жунжикди. Ичкари кирди. Рҳақ Девонанинг бошига тушган барча савдоларни билмаса-да, ақлдан озиш сабабини англади.

Ерликларнинг юраги тангликларникига нисбатан анча кичик. Асаб ҳужайралари ҳам кам. Аммо шу митти юракка тушувчи руҳий куч бир неча баравар катта. Рҳақ бу фикрни, бу номутаносибликни аввалги сафар чоғида сезмаган экан. У ёшлигида, тарихни титкилаш орзусида юрганида, тангликларнинг бир вақтлар бешта бармоғи бўлганини тасодифан эшитган эди. Жисмоний ҳаракат камайган сайин бармоқлар кичрайиб-кичрайиб, охири иккитаси йўқолган экан. Балки юрак бунинг аксидир? Ҳис-туйғу, руҳий юк камайгани сайин тангликларнинг юраги катталашиб кетгандир. Ахир у ҳозир қон ҳайдашдан бўлак ишни билмайди-ку?! Юрак кераксиз ҳислардан, демакки, ортиқча руҳий юкдан холи қилингани маъқулдир. Лекин меҳрдан узмаслик керак экан. Рҳақ бунинг азобини Тангда сезмаган эди. Ерга тушиб, билди. Билди-ю, оғир юк кўтарувчи ана шу митти юрак эгаларига ҳаваси ошди.

Кесганбел уйқуга берилди. Ҳатто итлар ҳам ҳурмай қўйди. Уйлар қора қутилар каби терилган. Қабристонни дарахтлар қораси тўсган. Шундай бўлса ҳам Рҳақ ўша ёққа тикилди. Девонанинг титраб, букчайиб ўтириши сира кўз олдидан кетмади. Аслида, у бундай қилмаслиги керак эди. Девонанинг азоб чекишини яхши биларди. Шунинг учун ҳам дастлабки кунлари бу ишдан ўзини тийиб юрди. Аммо бўлажак таҳлиллар учун Девонанинг бошига тушган савдоларни билиши жуда зарур эди.

Ўша тун Рҳақ Девонадан кўпроқ азоб чекди. Тонгни бедор қаршилаб, юрагидаги ҳисси янада қудрат касб этганини кашф қилди. У фақат қиёфаси билан эмас, ички дунёси билан ҳам ерлик одамларга яқинлашаётганига амин бўлди.

Рҳақ-Мирзавой самоворхонада нонушта қилгач, тоғдаги кўкатлардан тайёрлаган туркана дорини элтиб, раисни тинчитди. Шундан сўнг то пешинга қадар хонасидан чиқмади. У бўлажак ишлар учун руҳиятини созлаб олиши керак эди. Шу сабабли шифтга тикилганча ҳеч нимани ўйламай ётди.

Унинг тинчини Дилмуроднинг овози бузди. Рҳақ эринибгина туриб керишди-да, унга пешвоз чиқди. Қошларигача чангга беланган Дилмурод қўлидаги қора сумкани остонага қўйиб, ўзи тол соясидаги сўрига бориб ўтирди. Қайтишда уловсиз қийналганини айтиб бўлгач: «Ҳаммаёқ жимжит, тинчликми?» деб сўради.
— Сабохондан дарак бўлмади. Шопўлат акамиз бугун прогул қилдилар. Назаримда, Умидани олиб кетганингиздан хафа, — деди Рҳақ.
— Ўзим ҳам шундай бўлади, деб ўйлагандим. Яна олдига бориш керак. Энди ўзича келмайди.

Дилмурод ювиниб, чой ичиб олгач, қабристонга йўл олишди. Ҳужрани қарашди: Девона йўқ. Уни эртасига ҳам, индинига ҳам топа олишмади. Орадан беш кун ўтса ҳам ундан дарак бўлмади. Нима қилишни билмай гаранг бўлиб турганларида, Сабохон келиб Девонани мозорбошида кўрганини айтди. Пайсалга солмай, ўша заҳоти Девонанинг ҳужрасига боришди. Маъюс ўтирган Девона уларга қараб ҳам қўймади. Рҳақнинг ҳазил-ҳузули ҳам эътиборсиз қолди.
— Менга қаранг, Шопўлат ака, сиз Умиданинг кетиб қолганига хафа бўлганга ўхшайсиз, а? Тўғрими?

Девона бошини эгди.
— Бе, шунга шунчами, — деди Рҳақ-Мирзавой, Дилмуродга «Масала равшан» дегандек кўз қисиб қўйиб, — Умида эрта-индин келади. «Унгача Шопўлат амаким дўхтирхонада ишлаб турсинлар», дебди. Ишга бормасангиз қайтмас экан..

... Ҳозир Девонага гапириш ортиқча эканини билиб, бўшашган ҳолда изларига қайтдилар. Рҳақнинг гаплари таъсир қилдими, ҳар нечук Девона эртасига «ишга» келди. Бир неча кун шу зайлда ўтди. Дилмурод яхши гапириб унинг кўнглини овлар, бу тайёргарликнинг машаққатидан эмас, чўзилиб бораётганидан куюнарди. Девона ҳадеганда бўйин берадиган эмасди. Буни англаган Дилмурод яна Рҳақ-Мирзавой ёрдамида иш тутишга ҳаракат қилди.

Мирзавой ҳовлига чиқиб, Девонани тол соясидаги сўрига чақирди-да, Дилмурод тайёрлаб берган саволлар бўйича уни аста сўроққа тутди.
— Самоварчи Асқаралининг эшигига боргансиз-а? Эшигида нима бор эди?
— Эшигида... эшак! — Девона елкасини силкитиб ҳузурланиб кулди.
— Яна нима бор?
— Эшак...
— Уйида шолча-полча, хонтахта борми?

Девона Мирзавойнинг оғзига қараб индамай тураверди.
— Уйида нима бор?
— Ғинг-ғинг, така-тум, така-така-тум, — Девона шундай деб қўли билан ҳавода айлана чизди.

«Патефон шекилли», деб ўйлади Дилмурод унинг ҳаракатларига разм солиб.
— Шопўлат ака, манави хўжайин мендан пакана,а? Асқаралининг невараси ҳам шундай. Уларнинг орасида нима фарқ бор?
— Пак-пакана...
— Капалакни биласиз-а, мусичани ҳам биласизми? Уларнинг бир-биридан нима фарқи бор?

Девона атрофига олазарак қаради: афтидан, мусича ёки капалак излади. Аммо кўзи эшикдан кириб келаётган раисга тушиб, ўрнидан туриб кетди. Орқасига чекинди.

Дилмурод Девонанинг раисдан озор чекканини сезди.

Раис қамчинини ўйнатганча этик қўнжига уриб-уриб келарди. Дўхтирлар билан совуққина сўрашиб, сўрига омонат ўтирди.
— Бу нимаси яна! Одамлар дўхтирхонага йўламайдиган бўлиб қолишибди-ку?
— Қани, ичкари кирайлик...
— Менга шу ер ҳам бўлаверади, ичкари дим.
— Шопўлат ака, сизга рухсат, бораверинг.

Девона осонгина қутулганидан қувониб тезгина чиқиб кетди. Рҳақ-Мирзавой воқеани раисга аста тушунтирди. Мамарайим унинг гапларини бўлмай тинглади. Кейин ҳеч нима эшитмагандай: «Жиннини йўлатманглар, тамом!» деб туриб олди.
— Одамлар қўрқяпти бу бирламчи, — деди қарорини изоҳлашга уриниб, — иккиламчи, ўзларинг ўйлаб топган сантехникага ҳам тўғри келмайди. Дўхтирхона озода бўлиши керак.
— Сантехника эмас, сангигиена... — деди Дилмурод унинг хатосини тўғрилаб.
— Ҳа, нима бўлса ўша-да, — деди раис беписанд оҳангда.
— Ахир, Тошкентдан атайлаб тажриба ўтказаман, деб келган бу киши!
— Бу ер тажрибахона эмас, колхоз! Жинни керак бўлса, ана, олиб кетаверсин.

Раис: «Гап тамом!» дегандек қамчини билан этик қўнжига бир уриб қўйди-да, турди.
— Тўхтанг, Мамарайим ака, гапимизни эшитинг. Рентген аппаратини биласиз-а? Дизелни ҳам эшитгансиз. Аслида Рентген ҳам, Дизел ҳам олимларнинг номи. Дилмуроджон антиқа бир асбоб ясаганлар. Шу баҳона қишлоғингизнинг номи дунёга машҳур бўлса ёмонми?

Мамарайим, мени мазах қиляптими бу, деб бир қараб олди. Рҳақ-Мирзавойнинг жиддий турганини кўриб, ҳовридан тушди.
— Менга қолса, йўқ демайман. Лекин одамлар...
— Одамларга тушунтирамиз.
— Яхши, агар бирор гап қўзғалса, ранжимайсизлар... Асбобга «Кесганбел» деб ном берадими, бало дейдими, бари бир аяб ўтирмайман... — Раис шундай деб чиқиб кетди.

Эртасига Рҳақ раисга учрашди-да, тоққа чиқиб кетишаётганини, доривор гиёҳлар териб тушажакларини айтиб рухсат олди. Саҳар чоғида, Асқарали иккита эшакка тўқим уриб бергач, йўлга тушишди. Довон ошиб юқорилашган сари арчазор қалинлаша борди. Салқин ҳавода этлари жунжикди. Эшакда юриб ўрганмаганлари учун энди пиёда бўлиб олишган эди. Дилмурод атрофга боқиб тўймасди. Ёлғизоёқ сўқмоқ қорли чўққи томон узайиб бораверади. Қорли чўққининг учи эса кўринмайди. Пахмайиб кетган қўнғир булут худди тоғ чўққиларига илашиб қолгандай қимирламасдан турибди.

«Одамнинг ҳаёти ҳам табиатдаги дарахту кўкатларга ўхшайди, — деб ўйларди Дилмурод. — Одамлар ҳар хил бўлганидек, дарахтлар ҳам турлича. Бири истаганча эгилаверади. Бири эгилишдан кўра синишни раво кўради. Мана, арчалар қияликда ҳам тик ўсяпти. Уларни қор кўмиб ташлайди, сел юлмоқчи, шамол эгмоқчи бўлади. Лекин бари бир у тик ўсаверади. Қорнинг ҳам, селу шамолнинг ҳам ўткинчилигини билади...»

Эшагини етаклаб олган Рҳақ Дилмуроддан беш қадамча орқада келарди. У ҳам бу ажиб манзарага суқланиб боқар, бундай гўзалликни хаёлан Тангдан изларди. «Танг ҳам балки қачонлар шундай сеҳрли бўлгандир, — деб ўйларди у. — Аждодларимиз худди шундай соф ҳавода нафас олгандирлар. Табиатнинг бундай чиройидан завқлангандирлар. Ҳозирги авлод эса ҳаммасидан маҳрум. Тангликлар Ерга келса, буларнинг қадрига етармиканлар?»

Улар бир-бирига елка тираган икки тоғ орасидан ўтиб, кўм-кўк ўт билан бурканган ялангликка чиқдилар.
— Буни қаранг, Мирзавой ака, қулинг ўргилсин оромгоҳ бўладиган жой эканми, а? — деди Дилмурод тўхтаб.
— Ҳа, бунақа жаннатсифат жойлар ҳамма ерда ҳам бўлавермаса керак, — деди Рҳақ-Мирзавой унинг гапини маъқуллаб.
— Аттанг, минг аттанг, — деди Дилмурод бош чайқаб. — Биз жаннатимизнинг қадрига етмаймиз. Бунақа жойда ҳордиқ чиқарган одамга касал деган нарса яқинлашмайди. Аввало ҳавонинг ўзи дори. Қолаверса, фақат сут ёки қимиз ичиб шифо топиш мумкни. Мана шу кўкатларнинг ҳаммаси дори.
— Сизга ўхшаган олимлар буни халққа тушунтиришлари керак-да.
— Э, тушунтириш билан иш битмайди. Агар сўзим ўтса, бошқа нарсани таклиф қилардим.
— Нимани?
— Ҳозир катталар Қримда дам олишни расм қилишган. Бориб тўғри қилишади. Йил бўйи ишлаб чарчагандан кейин дам олиш керак. Улар Қримни кўриб, яхши таассуротлар билан қайтишади-ю, ўшанақа оромгоҳларни шу ерда қуришни ўйлашмайди. Шунинг учун мен уларни Қримга юбортирмасдим. Ана ўшанда улар узоққа боришни ўйламай, шу ерларда оромгоҳлар қуришга мажбур бўлишарди.

Рҳақ унинг режасини эшитиб, кулди.
— Дилмуроджон, сизга разм солиб турибману ҳайрон бўламан. Бир қарасам, доно, кўп ўйлаб, кам гапирадиган вазмин олимсиз. Бир қарасам, болаларча соддалик билан куюнасиз.
— Бу ҳаммада ҳам бор қусур, Мирзавой ака. Сиз ўзингизни билмай гапиряпсиз шекилли, а?
— Мен ҳам шунақаманми?
— Ҳозир менга тақаган айбингиз тўлалигича ўзингизга тегишли. Ҳатто ҳаракатингизда ҳам мўътадиллик йўқ. Дам оғир қадам ташлайсиз, дам югуриб кетай дейсиз. Айниқса қияликларда сизга етиш қийин. Яна, ўпкамнинг мазаси йўқ, дейсиз. Очиғини айтсам, овқатни ҳам бир хилда емайсиз. Кайфиятингизга-ку мутлақо тушуна олмайман. Сизда аскияга мойиллик бор десам, камгап бўлиб қоласиз. Одамови десам, Асқарали ака билан теппа-тенг гаплашасиз. Тўғри сезибманми?

Рҳақ-Мирзавой жилмайиб бош ирғади. Аммо ичидан зил кетди. У Танг кемасидаги ген камерасини мукаммал деб ҳисоблагани учун чинакам ерлик қиёфасига кирганман, деб ўйларди. Ҳолбуки, ҳаракатларида шунча тафовут бор экан. Демак, вақт оқимининг тезлигидаги фарқ генетик код тузилаётган дамда аниқ ҳисобга олинмаган. Энди диққатни бир ерга жамлаб, ўйлаб иш юритиш керак...

Улар Новқатга кун оққанда кириб келишди. Самовархонага кириб шу қишлоқдан кетиб қолган жиннини суриштиришди. Рҳақ шу қишлоқлик Машҳура исмли аёлни топиш кераклигини билса ҳам сир бой бермади.

Самовархонадагилар жинни воқеасини эслаш учун кўп уринишмади. Дарров эслашди.
— Ўн йилнинг нари-берисида телба пайдо бўлувди,— деди чалакўса бир қария тамшаниб. — Жалол сўфининг қизи, «Акам», деб бошлаб келувди. Жалол сўфининг муллавачча ўғли бўларди. Айтишларича, ўшанинг эси оғиб қоғонакан. Омма мен унга ўхшатмадим. Ё жинни бўғонига ўзгариб кетганми, невлай. Омма сўфининг қизи кичкина тўй берган кундан кейин жиннининг ҳам қораси ўчди. Ўшандан бери, Худога шукр, Новқатда жинни зоти бўлмади.

Машҳуранинг уйига ўша қариянинг ўзи бошлаб борди. Ичкари кириб фотиҳа ўқиди-да, юмуши борлигини айтиб, чиқиб кетди.

Дилмурод Машҳуранинг оппоқ сочлари, ажин босган юзи, хиёл эгик қаддига боқиб, қари кампир бўлса керак, деб ўйлаганди. Кейин билса у Девонанинг синглиси экан. Машҳура ҳам, унинг муомаласи дағалроқ эри ҳам меҳмонларнинг врач эканига ишонишмади. (Қайси врач, қайси замонда битта жиннининг тарихини биламан, деб тоғ ошиб келибди?) Шунинг учун саволларга узуқ-юлуқ жавоб беришди. Ҳатто Машҳура «Невлай, акамга ўхшатиб эдим. Кейин кетиб қолди», деб гапни калта қилди. Рҳақ суҳбатни яна маромига соламан, деганда Дилмурод қовун тушириб қўйди.
— Акангиз Норхўжа деган қўрбоши билан бирга бўлган экан. Бухорода ўқиб келган экан, шу ростми?— деган саволни эшитиб, Машҳуранинг эри ёрилиб кетди.
— Ҳой, ука, менга қаранг, сиз унақа ипни чувалатаверманг. Йўқ ердан айбни топиб келиб қўйишни биз ҳам биламиз. Опангизнинг умри болаларни ўқитиш билан ўтяпти. Мен ҳам колхозда кичкина эмасман. Бизни қақшатишни ўйламанг. Менинг уруғимда ҳам, опангизнинг уруғида ҳам босмачи, мулла дегани бўлмаган. Опангизнинг акаси қизил командир эди. Ҳужжатларимиз бор. Бизни гангитманг. Чойни ичиб бўлгандирсизлар-а?

Бу гапдан кейин ноилож туриб, самовархонага қайтишди. Машҳура уларнинг кўзига қарай олмади. Эри бўлса, пок одам эканини то кўчага қадар таъкидлаб борди.

Самовархонадагилар бўлган воқеани эшитиб ачинишди.
— Шунақа бўлишини билиб, дарров изимга қайта қолувдим, — деди ҳали йўл кўрсатган қария. — Бу сўлтаматга ақл битмади-битмади. Эшигингга отангнинг қотили келса ҳам бир кечага жой қилиб бермайсанми, ит эмган. Ахир уйингга нон сўраб келишмабди-ку? Тағин ҳам бахтига омонлиқ замон. Эски пайтлар бўлганда меҳмоннинг юзига чопгани учун сазойи қилинарди...
— Жиннининг қадамини ҳам ўша номард қирқди. Тўйда одамларга кўринса изза чекаман, деб тоғасиникига олиб бориб қамаб қўйибди. Жиннида ҳам фаросат бўларкан-да, эшигига қайтиб келмади.

Самовархонадагилар Машҳуранинг эрига шу зайлда лаънат тамғасини босишгач, меҳмонларни (бири олиб, бири қўйиб) уйларига чорлашди. Рҳақ билан Дилмурод қуллуқ қилиб, самовархонада қолишди.
— Ҳар ҳолда келганимиз чакки бўлмади. Воқеа анча ойдинлашди. Девона шу хотиннинг акаси. Довдирашидан билиниб турибди. Фақат айтишга қўрқяпти. Энди ўз отини айтиб чақирсак ҳам бўлади, — деди Дилмурод, ичига пахта тиқилган қаттиқ ёстиққа ёнбошлаб.
— Ярасини янгилаб қўймаймизми? — деди Рҳақ ўрнини тузата туриб.
— Бу гапингизда жон бор. Агар унга қаттиқ таъсир қилган воқеани аниқласак, қойилмақом иш бўларди. Лекин бу воқеани буларнинг ўзлари ҳам билмаса керак. Ҳар ҳолда, босмачиларга боғлиққа ўхшайди. Бошига уришганми, қўрқитишганми, қийнашганми, ишқилиб, бир гап бўлган. Аскар қалпоғи эсингиздами? Демак, у Машҳуранинг катта акасиники. Демак, жинни ақлини бутунлай йўқотмаган. Бу ишимизни анча енгиллаштирувчи далил!

Дилмурод «керакли нарсаларни» билиб олганидан мамнун эди. Рҳақ эса Машҳуранинг яширин ўйларини ўқиб, Сабоҳиддиннинг қисматига янада кучлироқ қайғурарди.

Новқатдан қайтишгандан сўнг Дилмурод синовга тайёргарликни тезлаштирди. Девона хонага кириб ётишга тўрт марта бўйин бермади. Охири, ҳеч қандай қўрқинчли ҳодиса содир бўлмаслигига ишонч ҳосил қилгач, устига чарм қопланган тахта сўри устига чиқиб кўзларини чақчайтирганча жим ётди. ТЭТ ишга тушиб импулс юборилгач, ҳушидан кетди. Рҳақ савол назари билан Дилмуродга қаради.
— Меъёридан сал оширибмиз. Хавотир олманг, ҳозир ҳушига келади, — деди Дилмурод унинг мижжаларини қайириб кўрар экан.

Девона икки соат ҳаракатсиз ётди. Кейин баданига титроқ кирди-да, ўрнидан турди. Рҳақ билан Дилмуродга ҳайрат билан тикилиб, орқасига тисарилганича чиқиб кетди.

Дилмурод ўзини хотиржам кўрсатишга уринса-да, аста титраётган бармоқлари ҳаяжонини фош қилиб турарди. Шунинг учун ҳам у асбобни шоша-пиша ғилофга жойлагач, уйга бориб дам олажагини баҳона қилиб чиқиб кетди.

Рҳақ унинг асл мақсадини билгани учун кузатгани чиқмади. Чарм қопланган сўрига ўтириб, ўйга толди...

«Ҳозир уйга боради-ю, паналаб қабристонга йўл олади. Девонани кузатади. Ҳаяжонини мендан яширмоқчи. Биринчи синовнинг яхши ўтганини ҳали ўзи билмайди. Қишлоққа келганига ой тўлади, аммо бир зум тинч турмади. Доим бир нарсани фикрлайди, баҳслашади, исбот қилмоқчи бўлади. Хуллас, қараган киши унинг тирик эканини, юраги уриб турганини дарров ҳис қилади. Тангликлар эса... уларнинг тириклигини фақат ҳаракатланишидан билиш мумкин...»

Рҳақнинг кўз олдига Фиднинг ҳорғин чеҳраси келди. Рҳақ иккинчи сафарга тайёргарлик кўраётганида Фид ўзининг қарашларини ошкор этган, ҳамиша Рҳақ билан якдил эканини билдирган эди.

Ерга сафар қилингунча Танг донишмандлари масалаларни баҳсга берилмай туриб тезда ҳал этардилар. Лукн билан Рҳақнинг кундаликларидаги қарама-қарши фикр кутилмаганда уларни икки оқимга ажратиб қўйди. Рҳақ Ер тараққиётига таъсир кўрсатмай, ерликларнинг ички дунёсини соф сақлаб қолиш керак, деган талабни илгари сурган эди. Фид Рҳақнинг «тезкор тараққиёт билан ички маънавий дунё бир-бирини рад этади. Тушунмовчилик, хатолар, урушлар барҳам топиб, Ерда оқибат, чинакам меҳр-муҳаббат қарор топади», деган фикрини қўллаб янглишмаган эди. Агар Ерга келганда бунга ўзи ҳам иқрор бўларди. Мутаносибликни бузиб, тараққиётни тезлатиш тарафдорлари кўпроқ эди. Ернинг бошқа нуқталарини кузатаётган тангликлар агар ўзгача хулосага келсалар, қора оқим мутлақ қарорга келиб қўйиши мумкин. Фид атрофидаги бир неча донишманд билан катта кучга дош бера олармикан?..

Бу ўлканинг асрий уйқудан уйғонаётганини кўр ҳам пайқаши мумкин. Аввалги сафар чоғида Шоазиз ўткир зеҳнли алломалардан сўз очганида амир бўйнига айб сиртмоғини илган эди. Салимхўжа эса замон алломаларининг кўз очиши учун нималар қилиш кераклигини айтган эди. Унинг башорати тўғри чиқди. Мана, Дилмурод Ер сатҳида ҳеч бир донишманд ўйламаган ишни қилди. Эрта-индин Девонанинг хотирасини буткул тиклаб, ҳушини жойига келтиради. Уйғонишнинг исботи учун яна нима керак?

Рҳақ Девона ҳушсиз ётганда тунов куни уни гипноз қилганидан афсусланди. Шошилмаслиги керак экан. Чунки ўша гипноз таъсирида Девонанинг хотираси қисман тикланиб қолган, бугун эсдаликларнинг давоми юз очган эди. Рҳақ бу эсдаликларни ўқиб, энди Девонани ўз ҳолига қўйишга аҳд қилди.

Ҳозир хонада ёлғиз қолгач, Девонанинг бошига тушган савдоларнинг давомини кўз олдига келтирди. Устарада қирдирилган бошига чолдўппи қўндирилган, оқ яктак, оқ иштон кийган, қорувли гавдасини ҳиёл эгиб тасбеҳ ўгирганча хомуш тортган Сабоҳиддин нигоҳидан кетмай қолди...

Мубҳам Сўқмоқ

Отасининг ногаҳоний ўлимидан дили вайрон бўлган Сабоҳиддин синглисининг қисматини ўйлаб, юрак-бағри эзилиб кетди.

У синглиси учун Норхўжанинг қароргоҳи нима экан, у дунёга бориб келишдан ҳам тоймасди. Сабоҳиддин икки томони найзаю тиғлар билан қуршалган сўқмоққа кириб бораётганини биларди. Тиғлардан дуою илтижолар ёрдамида қутулиб бўлмаслигига ҳам ақли етарди. Ёшлигида кўзига ажина кўринса, дарров калима қайтарарди. Кошки эди, жинлар базмига кириб бораётган бўлса, йўқ, у дўзах оташи томон боряпти. Балки у ерда азроил билан юзма-юз келар. Балки омонатини топширар. Сабоҳиддин била туриб шу манзилга боряпти. Ўзга чора йўқ. Уни бу томонларга жиҳод истаги бошлаб келган эди. Энди эса фикру хаёли синглисининг тақдири билан банд. Ишқилиб, синглиси омон қолса, бас. Тенгини топиб узатса, бўйнидаги қарздан халос бўлиб, отасининг арвоҳини рози этарди...

Сабоҳиддин шу ўйлар гирдобига тушган бир маҳалда от дупури эшитилди. Чавандоз уларнинг эшиклари олдида тўхтади. У ой ёруғида акасини таниб, ирғиб ўрнидан турди. Жамолиддин отасининг қазосидан хабар топиб келган эди. Шу учун укасини қучоқлаб, унсиз йиғлади. Бу орада ичкаридан Соҳиба ая чиқиб паст овозда йиғи бошлаб, ўғлини бағрига босди.

Сабоҳиддин: «Акам бас қил, деб қолмасмикан», деган хавотир билан тиловат қила бошлади. Йўқ, Жамолиддин индамади. Аксинча, укасига қўшилиб фотиҳа ўқиди.

Ака-ука Соҳиба аяга: «Кириб дамингизни олинг», дейишса ҳам, ая унамади. Ўғилларининг дийдорига тўяй деб тун ярмидан оққунча ўтирди. Тонг билан баравар туришди. Сабоҳиддин бомдодни ўқиб олгунча Жамолиддин отига ем ташлаб, қашлаган бўлди. Кейин икковлон қабристонга йўл олдилар.
— Мен ҳозир кетишим керак, — деди Жамолиддин қайтар маҳалларида. — Имилламай Машҳурани олиб кел.
— Тақсирим билан бормоқчимиз. — Сабоҳиддин Холиқберди тўра билан учрашганини, унинг топшириғини акасидан яширди.
— Шундай бўлишини сезган эдим. Босмачиларга ўтишинг аниқ экан.
— Қишлоқнинг кўп йигитлари ислом лашкарлари, сиз айтмоқчи, босмачилар сафида экан. Улардан бу қадар нафратланишингиз ўринсизмикин... ахир... «босмачи» ҳам сиз билан менга ўхшаган одам. Улар ҳам эл-юрт деб азоб чекишяпти.
— Бу гапинг тўғри. Биздақалари ҳам бор. Сургундан юриб мен кўп нарса англадим. Энг муҳими, ҳақиқат ягона бўлса ҳам уни турли одам турлича тушунар экан. Замон нотинчланиб, адашганлар ҳам кўпайди. Ким ҳақ эканини билмай гарангсиб юрганлар ундан ҳам кўп. Мана, ўзинг ҳам фарқига бормайсан-ку?
— Мен ҳақиқат имонлиларда деб биламан.

Сабоҳиддин, акам яна қизишиб кетар, деб ўйлади. Йўқ, Жамолиддин унинг гапини эшитиб, бош чайқаб қўйдию оёғи остига қараганча бир меъёрда юраверди. Қабристондан кўнгли чўкиб чиққани учунми, унинг шашти паст, укасига Марғилондаги каби қўпол муомала қилмас, аксинча, мулойим гапирарди. Бошқа бир томондан у Сабоҳиддиннинг сиртмоққа тушиб қолганини фаҳмлаган, энди уни қутқариш йўлини излаб, гаранг бўлаётган эди.
— Босмачилар қуроқ дастурхонга ўхшайди. Уларнинг дастидан юрт ҳам қуроқ бўлиб кетди. Бу аҳволда узоққа боришолмайди. Улар четга сиғинишяпти. Гўёки четдагилар диннинг паноҳи, таянчи эмиш. Падарига лаънат бундай таянчнинг. Агар фойда унишига кўзи етмаса, ҳеч ким қайрилиб қарамайди. Улар ҳамёнларининг қаппайишини ўйлаб, юртимизга адоват уруғини сочишяпти... Мусулмончиликнинг пок, нопок бўлиши билан инглиснинг неча чақалик иши бор? Наҳотки шуни тушуниш қийин бўлса? Уларга диннинг покизалиги эмас, юртимизнинг бойлиги керак.
— Бойлик керак экан, ўзлари қўшин тортавермайдиларми?
— Нодонсан, ука. Ҳали ҳам эсинг кирмабди. Дунёнинг ишлари сен ўйлаганчалик осон эмас. Боқувда турган отга тушов уриш машаққатли, аммо ҳолдан тойгани индамайгина бўйин эгиб туриб беради. Улар бизнинг ўлар ҳолга келишимизни кутишяпти. Бу — бирламчи. Иккиламчи, ҳокимиятни босмачилар қўли билан олишмоқчи.
— Шўролар-чи?

Сабоҳиддиннинг шу топда акаси билан баҳслашиш нияти йўқ эди. Саволни ўзи истамаган ҳолда берди. Сўрамаса ҳам бўларди, чунки олажак жавобини тахминан бўлса-да, биларди. Сабоҳиддин инглиз билан ўриснинг муддаосида фарқ кўрмасди. Уларнинг ҳар бири оёқлар остига мунофиқлик тўрларини ташлашган. Уларнинг ҳар иккови ҳам маккор овчи. Овчи ов овлайди. Гўштини ейди, терисини шилиб, сотади... Овчи ҳеч маҳал ўлжасига эркинлик бериш учун тузоқ қўймайди. Агар «ўлжамга озодлик инъом этмоқ мақсадида ов қиляпман», деса одамлар ундан кулиб, жиннига чиқаришади. Аммо нечундир ҳеч ким инглиздан ҳам, шўродан ҳам кулмайди, уларни тентак демайди. Балки кўзларини чирт юмганлари ҳолда сўзларига инонмоқ истайдилар. Сабоҳиддин Салимхўжа билан суҳбатларида бунга амин бўлган. Сабоҳиддин бу сафар ҳам янглишмади: акаси у кутган жавобни берди:
— Шўролар бизнинг эркимизни ўз қўлимизга топширган.

Сабоҳиддин бошқа гап қўшишни истамади. Акасининг ёнида жим бораверди. У акасига «сиз сароб сари боряпсиз. Бора-бора топганингиз жаҳаннам азоби бўлади», демоққа оғиз жуфтлади-ю, бироқ бундай сўзларнинг ўрни эмаслигига фаҳми етиб, тилини тийди.
— Адашганлар кўп, уларга ачинаман, — деди Жамолиддин худди ўзига ўзи гапираётгандай босиқ оҳангда.
— Сизлар томондами? — деб сўради Сабоҳиддин. Акаси унга норози қиёфада қараб олди.
— Йўқ, сенлар томонда, — деди «сенлар» сўзига урғу бериб.
— Холиқберди тўра ҳамми?
— Адашганларнинг энг каттаси ўша. Бекорга қон тўкиляпти. Йигитлар бекорга ўлиб кетишяпти...
— Бекорга эмас... — Сабоҳиддин шундай деб жимиб қолди. Акаси «Гапни ямлама», дегандай унга қаради. Сабоҳиддин бир-икки қадам қўйгач, сўзида давом этди: — Оллоҳ таборак ва таоло марҳамат қилиб дейдики: «Оллоҳ йўлида ҳалок бўлган шаҳидлар ҳақида «булар ўликлар», демангиз! Йўқ, улар тириклардир, лекин сизлар сезмайсизлар.» Улар учун жаннатдан жой ҳозирлаб қўйиларкан. Аммо шаҳид жаннатда кўрган эҳтиром ва роҳатдан кейин ҳам яна бу дунёга қайтиб чиқиб яна ўн марта ҳалок бўлишни орзу қиларкан.

Сабоҳиддин бу гапларни айтиб, «Акам Марғилондаги каби сапчиб тушармикин, «жаннатинг йўқ нарса», деб яна куфрга кетармикин», деб хавотирланди. Лекин бу сафар Жамолиддин жавоб қайтармай, укасини ажаблантирди.

Кўчаларига бурилгач, эшиклари олдида тўпланган одамларни кўриб, ажабланишди. Оломон уларнинг йўлини тўсди.
— Ана, каллакесар падаркушнинг ўзи келяпти, — деб қичқиришди.

Жамолиддин бу гапни эшитиб, қўлини ғилоф сари юборди.
— Тўппончангни тек қўятур, — деди қўлига сўйил ушлаган, яланг оёқ, пилтаси чиққан дўппи кийган ўрта яшар киши.
— Ҳа, Мақсум тоға, бу нима ҳаракат ўзи? — деди Жамолиддин.
— Гўштни қаерга яширдинг?
— Қанақа гўшт?
— Пешонамда биттаю-битта ғунажин борлигини билармидинг. Болаларнинг ризқига Худонинг раҳми келиб, босмачиларга ҳам олдирмаганди. Сен юлиб олдингми, ҳароми! — Мақсум тоға шундай деб сўйилни кўтарди. Оломон бақириб-чақириб уларнинг устига бостириб кела бошлади. Жамолиддин маузерини чиқариб осмонга кетма-кет иккита ўқ узди. Одамлар тўхташди.
— Мақсум тоға, ғунажинингизни бошимга ураманми? Биров туҳмат қилибди.
— Туҳмат дейсанми? Ғунажиннинг терисини ҳам биров оғилхонангга ташлаб кетибдими?
— Шўролар камбағалларга қайишади, дейишарди. Босмачидан баттар ўғри экан-ку!
— Отангни шўролар отган эди. Хун олишни ўйламай...
— Бу гапни қўятур. Гўштни беркитган жойини кўрсатсин.
— Гапимга ишонинг, — деди Жамолиддин бўғилиб.
— Тўппончангни йўқот. Кўзимга ҳеч нима кўринмай турибди, майиб қилиб қўяман, бола.
— Ўғирламаган бўлсанг, аслаҳангни ечиб гаплаш биз билан. Мана, ҳеч биримизда қурол йўқ.
— Бизга ишонмасанг, укангга бериб қўй. Олдимизга тушиб, элликбошига борасан.

Жамолиддин бу гаплардан кейин ноилож аслаҳаларини ечиб укасига берди-да, оломон олдига тушди. Гузарга етишганда беш чоғли отлиқ уларнинг йўлини тўсди. Жамолиддин босмачиларнинг тузоғига илинганини англаб, қочмоқчи бўлди. Бироқ, одамлар унинг қўлларини қайириб олдилар.
— Нима гап? — деди ўнг қўлида бешотар ушлаган, шойи чорсини пешонасига чапанича боғлаган киши.

Одамлар бири олиб, бири қўйиб воқеани баён қилишди.
— Шўроларнинг таъзирини қўрбошининг ўзи беради.

У гапини тугатиши билан тўрт йигит отдан ирғиб тушиб, Жамолиддиннинг қўл-оёғини боғлай бошлади. Ёрдамга ташланган Сабоҳиддиннинг бошига оғир нарса урилиб, ҳушидан кетди. Кўзини очиб, ўзини уйида кўрди. Тепасида Султонмурод, сал нарида эса Соҳиба ая тақдирни лаънатлаб ўтирибди. Сабоҳиддин нимадир демоқчи эди, тили айланмади. Унинг айтмоқчи бўлган гапини Султонмурод англади.
— Барини эшитдим, ўғлим. Хотиржам бўлинг. Акангизни Норхўжанинг йигитлари олиб кетибди. Худо хоҳласа, биз ҳам бомдоддан кейин йўлга чиқамиз.

... Соҳиба ая ўн тўрт фарзанд кўриб, ўн бир гўдагини ерга қўйган. Ўн бир марта оналик қувончини норасидаларига қўшиб қора ерга кўмган. Ўша «ўн бир ҳур гўдакнинг умрини ҳам, бахтини ҳам, ризқини ҳам Оллоҳим қолган учтасига бергани рост бўлсин», деб юрганида, умиди хира тортди. Каттасини уйлантириб энди роҳатини кўраман деганида ўғли талоқ хатини берди. Ёш йигит сўппайиб ўтиб кетармиди дунёдан. Қайта уйлантирамиз, деб туришганда, орага шайтон аралашди-ю, Жамолиддинни сургун қилишди. Хайриятки, у беш йилда қайтди. Аммо бари бир дийдорига тўймади. Орзу-ҳавас кўролмади. Олатасир бошланиб, ўғли шўроларга қўшилиб кетди. Баъзан ойлаб хабари бўлмайди. Ишқилиб, ажал қувмаган бўлсин. Замон нотинч экан, эркакларнинг боши ташвишдан чиқмайди. Лекин қиз боланинг гуноҳи нима? Худо қизини ҳам бағрига сиғдирмай, унга яна қандай аламни раво кўрди экан? Султонмурод уни паноҳига олиб балки савоб қилгандир? Ундай деса мусофирликдан қайтган Сабоҳиддинни ҳам узоқ йўлга бошлаб кетяпти. Уй ҳувиллаб қоляпти. Гўё у сира фарзанд кўрмагандай, бир умр якка-ёлғиз яшагандай. Бир ўзи... Ёлғиз... Унинг дардига ким дармон бўларкин?.. У ҳам барча оналар каби оҳини ичига ютади. Бошқа иложи йўқ.

Она ҳам дунёга бир марта келади, аммо неча бор ўлиб-тирилади. Фарзандига зирапча кирса, унинг бағрига ханжар санчилгандай бўлади. Фарзанд доғи, айрилиқ она қалбини оташда қовуради. Агар она тириклайин ўтда куйдирилса, бунчалик азоб чекмасди. Она тортган дард билан қувонч тарози палласига қўйилса, умр бўйи кўрган шодликлари бир кунлик дардига ҳам бас келолмаслиги аниқ.

Сабоҳиддин аясининг кўзларига қараб, юрак-бағри эзилиб кетди. Соҳиба аянинг ёш айланиб турган кўзлари мунгга тўлган. Шу ҳолда ҳам у Худога шукр қилиб, дардини сиртига чиқармасди. Сабоҳиддин бомдоддан кейин онасининг илтижоларига беихтиёр қулоқ тутди. «Фарзандларимни бағримдан юлиб олгунча, бир бурда нонга зор қилсанг бўлмасмиди...» Бу нола Сабоҳиддиннинг бағрини тилиб, туз сепди. Хайрлашар чоғида ҳам онасининг йиғламсираб айтган гаплари қулоғи остида жаранглайверди: «Фарзандларимни бағримдан юлиб олгунча, бир бурда нонга зор қилсанг бўлмасмиди...»

Сабоҳиддин онасини остонада ёлғиз қолдириб, кўнгли чўккан, эзилган аҳволда имомга эргашди. Дастлаб орқасига ўгирилиб қараганида онаси эшикка суяниб турарди. Яна бир қараса, муштдай бўлиб чўнқайиб ўтирибди. Кейинроқ орқасига ўгирилганида, уларнинг ҳовлисини дарахтлар пана қилиб қўйган эди. Шабада туриб, дарахт барглари шивирлай бошлади. Бу шивир орасида у яна онасининг оҳини эшитди:

« ... бир бурда нонга зор қилсанг бўлмасмиди...»

Отларни ўз ҳолига қўйишди. Жониворлар аста йўрғалайди. Катта оқ салла ўраб, оқ чопон кийган Султонмуродни кўрганлар таъзимга шайланишади. Қишлоқдан чиқишгач, отларни илдамлатишди.
— Тақсир, шунча кундан бери оғзингизни пойлайман, ўзингиз айта қолай демайсиз.
— Нимани, ўғлим?
— Сиз қишлоқдаги ҳамма одамни яхши биласиз. Дадамни ким ўлдирган бўлиши мумкин?
— Ўзимнинг ҳам ақлим бовар қилмай қолди, ўғлим. Дадангиз бегуноҳ мўмин-мусулмон эди. Биров билан ҳеч маҳал сен-менга борганмас.
— Ёки қотил бирор бошқа киши билан адаштирдимикин?
— Бундан бехабарман.
— Отган одам шўроларданми, ё...
— Масжидга қараб ким ўқ узиши мумкин?
— Ахир, акам шўролар томонида-ку?
— Худодан қўрқмаган, отани аямайди.

Сабоҳиддиннинг нафаси ичига тушди. У «тақсир сирни очишга кўмаклашар», деб ўйлаган эди. Акси бўлиб чиқди.

Ён-атрофда дарахт кўринмайди. Баҳайбат тошлар орасида, қуёшнинг нурли тиғида куйиб боришади. Султонмурод отни ниқтаб тезлатади. Отлар майда тошларда сирғана-сирғана илдамлайди. Сабоҳиддин домланинг оғзини пойлайди. Йўл бошлаб кетаётган имом эса жим. Дарадан ўтишгач, Сабоҳиддин унга яна сўз қотди:
— Тақсир, одамларнинг бўлиниб-бўлиниб кетганига сира тушуна олмаяпман. Туппа-тузук, аҳил-иноқ яшар эдик-ку? Бир қисм одам энди шўроларга қўшилибди, бир қисми Норхўжа эшонда, бир қисми Холиқберди тўрада, яна бир қисми Шермат қўрбошида, Муҳиддин қўрбошида...
— Яна майда қўрбошиларни айтинг.
— Ҳа, илгарилари очин-тўқинга ҳам чидаб бирга-бирга яшардик. Худо ургани шумикин?
— Одамлар ақлдан озди. Шайтоннинг қўли баланд келиб қолди. Бу нима? Бу — охир замон белгиси! Агар имонсизлар йўлдан қайтмаса, қиёмат бўлади.
— Тақсир шўролар Худонинг адашган бандалари, шаккоклар, имонсизлар десам, ораларида имонлилари ҳам бор эмиш.
— Чин мусулмон бандалари кам уларнинг орасида. Шўролар кофирларнинг фисқига учиб, уларнинг динини қабул қилмоқчи. Аввал подшони йўқ қилишди. Кейин хеш-ақраболарни. Улар барча баравар ишласин, ҳосилни тенг бўлайлик, дейди.
— Бу гаплари ёмон эмас-ку?

Султонмурод ичида «қазисан, қартасан...» деб ғижинганича унга олайиб қаради.
— Бандаларга ризқни шўролар эмас, фақат ва фақат Оллоҳ беришини унутдингизми? Мен яқинда, Норхўжа эшон Новқатни олмасдан илгари, бир болшавой билан тортишдим.
— Сиз-а?
— Ҳа-да! Унинг айтишича, эркагу хотин баравар бўлар эмиш. Эркак нима иш қилса, хотин ҳам шуни қиларкан. Эркак кирган жойга хотин ҳам кираверар экан.
— Масжидга ҳамми?

Султонмурод кулиб юборди.
— Э, лодон, улар масжиднинг кулини кўкка совурмоқчи-ю, хотинларни олиб келишадими? Унинг айтишича, дўкон расталарида хотинлар ҳам савдо қилиши мумкин, далада ҳам очиқ-ойдин ишлайверади. Эркакларга қўшилиб савод чиқараверади. Номаҳрам деган гап бўлмайди. Аммо мен уни боплаб мот қилдим.
— Болшавойними?
— Ҳа. Хотинлар заифа бир нарса, дўконда қош-кўзини сузиб турса, эркакларнинг нияти бузилмайдими, аёллар хиёнат йўлига кириб кетмайдими, дедим.
— У нима дейди?
— Нима дерди, йўқ, дейди-да. Шунда мен: «Майли, сиз айтгандай бўлсин. Хотинингизни бировнинг қўйнида ётганини кўрганингизда имом-домла ҳақ эканлар, дейсиз», дедим. Қизариб, аланга бўлиб кетди, бечора. Кейин мен ундан: «Хотин киши нима учун яратилади?» деб сўрадим. У аллақанча гапларни айтиб ташлади. Сўнг мен майдалаб сўрадим. «Аёл киши эркакдан заифроқ, нозикроқ бўлади-а? Шу нозиклиги билан эркакларнинг кўнглини овлайди. Эркак билан баравар ишласа, нозиклиги қайга кетади? Бадани дағал, қўллари тош хотин кимга керак?»
— Менга керак, демадими?
— Э, қайда! Оғиз очолмади. Нафсиламрини айтганда, унга ҳам... — Султонмурод бир гап айтмоқчи бўлди-ю, Сабоҳиддиннинг бўйдоқлигини, ўзининг мавқеини эслаб тилини тийди, — нозик хотин керак-да. Кейин яна сўрадим: «Мулла йигит, сизни ким туққан? Онангиз. Ким тарбия қилди? Онангиз. Хотин энг аввало шунинг учун яратилган. Она жонивор эртадан-кечгача эркак билан баробар ишласа, болага ким қарайди? Болага ким тарбия беради?» деб сўрадим.
— Яна жим қолдими?
— Йўқ, ўттиз-қирқ болага бир тарбиячи бўлади, дейди. Бунинг топган гапини қаранг, ахир, одам ҳакка эмаски, тухумини бошқа инга қўйиб кетаверса. Ҳар битта она боласига сут билан бирга тарбия ҳам бериши керак. Сен туғиб қўйсангу бошқа хотин тарбияласа, болада эна-отага меҳр бўлармиди? Асрандидан фарқи қоладими?
— Шу гапларни айтдингизми?
— Айтдим-да! Тайинли жавоб беролмаса ҳам, бўш келгиси йўқ, баччағарнинг.

Сойни кечиб ўтишганда кун тиккага келган эди. Отдан тушиб таҳорат олдилар-да, намозни ялангликда ўқидилар. Сўнг тўрвадан нон, майиз, туршак олиб, тамадди қилдилар. Кейин яна сой бўйлаб юқорилай бошладилар.
— Тақсир, сиз мени Норхўжа эшон ҳузурига бошлаб боряпсиз. Мен у кишини сира кўрмаганман. У кишининг ниятларини ҳам билмайман.
— Қўрбошининг ниятлари кўкрак сутидек пок, ўғлим. Норхўжа эшон оқпошшо маҳалида ҳам ғайридинларга сўз бермасдилар. Тегирмонларидан тушган даромад ўзларига етиб-ортарди. Аммо, у зот юртимизни ғайридинлардан тозалаш, имонсизларни ҳақ йўлга қайтариш истагида ҳаловатларидан воз кечиб, ислом лашкарларини тўплаётирлар. Сиз билан менинг вазифам — бандаларни жиҳодга чорлашда эшонга кўмак бериш.
— Юрт-ку, ғайридинлардан озод бўлар, лекин бекларнинг боши бирикармикин?
— Худо хоҳласа, бирикади.
— Унда оқ кигиз кимга насиб этади? Холиқберди тўрагами?

Султонмурод жавоб бермай юзини тескари ўгириб олди. Кейин: «Ҳали бу ҳақда башорат қилиш эрта», деб ғудранди. Сабоҳиддин унинг Холиқберди тўрага қарши ғарази бор эканини сезди. Шундай катта кучи бўла туриб Холиқберди тўра, ислом лашкарларининг қўли баланд келган тақдирда, юрт қандай сўралишини билмайди. Қумурсқаларга ўхшаган бу кўрбошиларнинг нияти нима экан? Хон бўлишми? Холиқберди тўра аҳли динга ишонч билдирмади. Балки, Норхўжанинг нияти ислом жумҳурияти барпо этишдир?

Норхўжа эшоннинг қароргоҳига шомдан сўнг етиб бордилар. Султонмурод Сабоҳиддиннинг истаги билан уни Машҳуранинг ўтовига бошлади. Ўзи қўрбошидан хабар олгани кетди.

* * *

Девона ҳужраси ёнидаги харсанг устида жағини тиззасига тираган ҳолда, кўзини қишлоқ томон тикиб, қимир этмай ўтирар эди. Бир маҳал қабристон йўлида одам қорасини сезиб, сергакланди. Ўрнидан турмоқчи бўлди. Дилмуродни таниб, жойидан жилмади. Дилмурод харсанг устидаги Девонани кўргач, тўхтади. Дарахтнинг панасига ўтди.

Девона унинг барча ҳаракатларини кузатиб ўтирарди. «Бу одамларга нима керак ўзи? — деб ўйларди у. — Нимага менинг атрофимда гирдикапалак бўлиб қолишди? Кўнгилларида ёмонлик йўқлигини сезиб турибман. Лекин мақсадлари нима? Уларни кўрганим сайин унутиб юборган одамларни эслайдиган бўлиб қолдим. Падарлаънат Султонмурод, Норхўжа қўрбоши тушимга ҳам кирмай қўювди. Бугун Машҳурани эсладим. Қизиқ, Машҳура меҳрибон эди. Ёмон одамни эр қилибди. Мени қамаб қўйди. Билмайди, деб ўйлаган. Мен биламан, ҳа, ҳаммасини биламан. Улар: «Кўп овқат еб қўяди, бизга қолмайди», деб қўрқишади. Ёмон одам улар. Мен битта қўйни ея олмайман. Падарлаънат Норхўжа ерди. Акамни ҳам еди. Акам? Акам қани?...» Девона сесканиб тушди. Сапчиб ўрнидан турди-да, атрофига олазарак қаради.
— Ака!

Унинг хирилдоқ овози Дилмуродга аранг эшитилди.
— Ака... а... а!..

Бу сафар Девона бор овози билан бақирди. Дилмурод чўчиб тушди. Девона пайпасланиб, қўлига илинган тош-кесакларни дуч келган томонга отиб, хаёлидаги акасини муҳофаза қилди. Бир маҳал қўли ҳандалак сингари юмалоқ тошга тегиб, серрайганича қотиб қолди. Тиз чўкди. Тошни авайлаб олиб, бағрига босди. «Ака, акажоним», деб пиқиллаб йиғлай бошлади.

Кейин ўрнидан туриб, ҳужрасига кириб кетди.

Дилмурод орқасига қайтай деганда Девонанинг қаҳ-қаҳ уриб кулгани эшитилди:
— Қочди, ҳаммаси қочди. Уларни боплаб алдадим!

Дилмурод яна бирор гап эшитилиб қолармикин, деб кутди. Девонадан садо чиқмади.

Қалдирғоч Учиб Кетди

Кесганбел кўчаларини чангитиб пода қайтди. Аёллар барча юмушларини йиғиштириб, ҳовлига кириб келган сигирларни боғлагач, силаб, эркалаган бўлишади-да, чўнқайиб соға бошлашади. Сигирлар охурдаги бедани хотиржам кавшаб, сал нарида типирчилаб елинга интилаётган бузоқларига баъзан қараб секингина мўъраб қўйишади. Сут соғиб олингач, бузоқ бўшатилади. У бошини чўзиб югурганича тўғри онасининг елинига келади. Олдинги оёқлари билан тиззалайди-да, бўшаб қолаёзган елинни зўр бериб эма бошлайди.

Болаларнинг каттароқлари ҳали кўчадан қайтмаган, куни билан тугамаган ўйинларининг энг қизиқарлиси энди бошланган. Худди кундузи уйга қамалиб, энди бодроқ каби сочилгандай, қишлоқни болаларнинг овози босган. Онда-сонда аёлларнинг: «Ҳай, Абдулбоқи, кел деяпман, ўйинларинг ҳам қуриб кетсин-да, ҳеч тугамайди», «Жалилхон, югуринг, ўғлим, дадангизни самовардан айтиб келинг», деган овозлари аралашиб қолади.

Қуёш тоғ ортига ўтиб, қишлоққа аста қоронғилик чўка бошлаганда пойдевори баланд қилиб қурилган самовархона янада гавжумлашди. Одамларнинг аксари айвондаги сўриларда давра қуришган. Белидаги қийиғидан носқовоғи дўппайиб чиқиб турган оқ яктакли Асқарали эшик кесакисига суянганича чироқ шиша артар, қулоғи эса сўридагиларнинг суҳбатида эди.
— Жамоа жам, Фрунзенинг қуролдоши келяпти,— деди Асқарали кулиб.
— Ким дедингиз? — Дилмурод Асқаралининг гапига тушунмай савол назари билан қаради.
— Бир қайнови ичида одам бор, ана, юқорига чиқиб келаётган баҳайбат кишини кўряпсизми? Ёзда қирғизлар билан юриб, қўтос боқади. Баъзи-баъзида қишлоққа тушади. Фрунзе билан бирга хизмат қилганман, деб юради. Ҳозир ўзингиз эшитасиз.

Кўпчилик ҳурмат юзасидан ўрнидан туриб, барзанги билан қўл олиб сўрашди. Ора-сира кулги ҳам кўтарилади. Асқаралининг имоси билан дастёр бола бир чойнак чой, чети учган битта пиёла, патнисда туршак, майиз, олмақоқи келтириб қўйди.
— Ҳа, Жўравой омонликми? Селкиллаб юрибсанми? — деди Асқарали уни суҳбатга тортиш учун.
— Юрибмиз, тоғажон, юрибмиз, қуллуқ, — деди Жўравой қўлини кўксига қўйиб. — Ўзим Жўравой, келбатим меравой. Ўзлари ҳам маккайидай бўйни ўстириб, соқолни биттадан санаб юрибдиларми? Ие, башарага сепилган донларни қушларга олдириб қўйибдилар-ку, а?

У Асқаралининг чалакўсалиги ва чўтирлигига шама қилган эди. Асқарали унинг ярғоқ бошига ишора қилиб яна бир гап айтди. Шу зайлда пайров бошланди. Аскияга бошқалар ҳам қўшилди. Атрофда аёллар бўлмагани учун истаган ўхшатишларини келтириб, баралла хахолаб кулишарди. Жўравойнинг сўзлари аскияга нисбатан тентакнамо гаплигини Дилмурод сезди. У кишининг лақмалигини яхши билган аскиячилар сўз тошларини фақат шу томонга отардилар. Жўравой жавоб беришга улгурмасди. Пайровнинг сийқаси чиқиб, файз кета бошлагач, Асқарали гапни бошқа томонга бурди:
— Жўравой ука!
— Лаббай!
— Манави йигит бизди меҳмон бўлади. «Жўравой акангиз Фрунзени кўрганлар», десам ишонмаяпти.
— Нимага, чироғим, нимага ишонмаяпсиз, ё бизни одам санамайсизми?

Дилмурод нима дейишини билмай хижолатда қолди.
— Ўз оғзингиз билан айтиб беринг-а, омма ишонадиган қилиб айтинг, — деди Асқарали.
— Э, айтганим бўлсин. Меҳмон, ишонмаганингиз чакки. Тепамда Худо бор. Шу Асқарали тоғамнинг катта ўғиллари билан қизил аскарларга қўшилиб кетганман. Тоғамнинг ўғилларини билмайман, омма мен Фрунзенинг отрядида ишладим.
— Ўзини кўрганингизни айтинг.
— Кўрганман, чироғим, шу денг, бир куни пистирмада Худо деб ётсам, келиб қолди. «Ҳа, Жўравой ака», деди. «Юрибмиз соянгизда, чироғим», дедим. Шу пайт товнинг орқасида қасир-қусир бошланса, денг... «Жўравой, ака, қаранг-чи, нима экан», деди ўртоқ Фрунзе. «Хўп, акаси қарағай», деб чиқиб қарасам, булутдай бўлиб босмачи келяпти.
— Учиб келяптими?
— Э, даюснинг тоғаси, отлиқнинг учганини қайда кўргансиз? Юриб келяпти. Орқамга қайтиб: «Босмачи келяпти», дедим. «Энди Жўравой ака, умид сиздан», деди. Йўқ, дейманми? Катта хўжайин бўлса. Пулимотди орқалаб чиқдим. Шартта қўйдим. «Э, маладес, Жўравой, турган-битганинг меравой», деб кетди.
— Пулемётда отдингизми, ё таёқда пачоқладингизми?
— Шунча йил юриб бир мартагина кўрдингизми?
— Э, кўп кўрдим, қай бирини эслай. Фрунзе дегани ҳам кўп экан, тўрттасини кўрдим-ов...

Жўрабой соддадиллиги билан яна аскиячиларга нишон бўлди. Гап орасида Асқарали Дилмуродга: «Аслида Фрунзени кўрмаган. Милтиқ ҳам ушламаган. Қизил калтакчиларга бир қўшилиб қолган», деб изоҳ берди.

Қош қорайгач, Асқарали ўнинчи чироқни ёқиб, шифтга осиғлиқ симга илиб қўйди. Дилмурод бири олиб, бири қўйиб аския қилаётган кишиларга ҳавас билан боқар, ўткир аския бўлганда қотиб-қотиб куларди. У шаҳарда юриб, илмий ишга кўмилиб расмана кулишни ҳам унутаёзган эди. Унинг ошналари китобу илмий ходимлардан иборат бўлиб қолганди. Кўпдан бери бундай ёзилиб ўтирганини эслолмайди. Баъзан нозик одамлар доирасида ўтирасан, баъзан мириқиб кулишга арзирли гап бўлмайди. Бунақада эркак киши ҳам пиқирлаб кулишга ўрганиб қоларкан. Дунёда эркак кишининг пиқирлашидан хунук нарса бўлмаса керак. Мана бу одамлар кун бўйи далада ишлашган. Энди ғам-ташвишдан холи, яйраб ўтиришибди. Гаплари беғараз, мулозаматлари самимий, юракларида кир йўқ. Ичиқора одамгагина уларнинг мулозаматлари сохта туюлиши мумкин. Водий қанчалик кенг ва гўзал бўлса, уларнинг бағри ҳам шундай. Ўлканинг табиати кўп ҳолларда одамларнинг феъл-атворини белгилайди.

Дилмурод самовархонадан енгил тортиб қайтаётганда ҳамма нарсани унутиб, мириқиб хордиқ чиқарганини Рҳақ-Мирзавойга айтди.
— Шунинг ўзи энг яхши муолажа, — деди у. — Агар ҳар бир асаббузарликдан сўнг шундай дам олсангиз ҳеч қачон касал бўлмайсиз. Ижобий ва салбий руҳий тўлқин даражасини фақат шу йўл билан тенглаштириш мумкин, — деди у.
— Демак, ҳозирги даврада ижобий тўлқин уйғондими?
— Албатта, ижобий-да! Яйраб дам олиш таранг тортилган асаб томирларини бўшаштиради. Тартибсиз ишда, одамлар билан муомалада юзага келадиган салбий тўлқин меъёридан оша борса, одам асаб касалига йўлиқади. У давом этиб ё юракни ишдан чиқаради, ё руҳни шикастлантиради. Агар ҳар бир одамда руҳий касалликка мойиллик борлиги ҳисобга олинса, оқибат ойдинлашади. Антагонистик ривожланишнинг йиғиндиси, албатта касаллик билан тугайди. Афсуски, руҳий тўлқинлар физиологияси медитсина назаридан четда қоляпти. Ҳатто физиология, патафизиология қўлланмаларида ҳам руҳий тўлқинларнинг инсонга таъсири тўғрисида лом-мим дейилмайди. Минглаб медиклар руҳий тўлқинларнинг невроген касалликларни келтириб чиқаришини билмаган ҳолда ҳаётга йўлланма оладилар. Ҳатто руҳий тўлқинни бошқаришни, тарбиялашни ўргатиш ҳам муҳим ижтимоий муаммо. Бу борада кўп қўлланмалар керак.
— Гапингизга қараганда, ҳаётда салбий тўлқиннинг ўчоғи мўлдай кўринади. Одам дам олишга камроқ вақт ажратадиганга ўхшайди.
— Йўқ, унчалик эмас. Одам ҳатто бажараётган ишидан ҳам ижобий тўлқин олиши мумкин. Ахир, бир мақсад йўлидаги иш машаққат эмас, лаззат келтиради-ку! Сиз даволаган одамларингизни кўриб қувонмайсизми? Фақат мақсадсиз ишгина одамнинг бошини ташвишдан чиқармайди.
— Гапларингизда қарама-қаршилик бор.
— Нимага?
— Агар ғам-ташвиш салбий руҳий тўлқинни уйғотса, уруш йилларида касал кўпаярди.
— Сиз бир нарсага эътибор қилинг-да: оғир йилларда одамларда асосий руҳий касаллик кўпаяди. Бошқа хасталиклар эса кескин камаяди. Уруш йиллари одамларда оғир касалликларга қарши ўз-ўзидан иммунитет ҳосил бўлади. Аъзойи-баданда касалликка нисбатан қаршилик уйғонади. Яшаш шароити яхшилангани сайин бу қаршилик сусайиб боради. Аввал эътибор қилинмаган оддий шамоллаш махсус муолажага муҳтож бўлиб қолади.
— Демак, биздан кейинги дўхтирларнинг аҳволига вой!
— Жуда тушкунликка тушиб кетдингиз-ку?
— Мен узоққа қараяпман. Сизнинг гапингиз мен учун янгилик эмас. Кўчма госпиталда бир кекса дўхтиримиз бор эди. Ичи ғиж-ғиж ҳикмату билим. Одамлардаги руҳий ўзгаришни дастлаб ўшандан эшитгандим. Титилиб кетган ерга раҳми келарди. Чўрт узиб ташланган дарахтларга қараб ачинарди.
— Урушда одамлар ҳам, табиат ҳам озор чекади. Аммо табиатнинг озорини ҳеч ким ҳисобга олмайди.
— Одамлар ўзлари учун энг зарур бўлган нарсаларни янчиб ташлайверадилар.
— Инсонга табиат томонидан даҳшат солувчи касалликларни енгиш мумкин, лекин унинг ўзи юзага келтирадиган хасталик билан курашиш қийин. Дарахтзорларни пайҳон қилиш, ҳавони, ер-сувни заҳарлаш, шаҳарларнинг катталашуви, шовқин, жисмоний ҳаракатнинг камайиши бизга ҳали кўп иш орттиради. Кўмир ўсимликлардан, нефт жониворлардан пайдо бўлган, дейишади. Биз ҳаммасини ер қаъридан олиб ёқиб ётибмиз. Нефт ҳам, кўмир ҳам ғуборга айланиб, устимизга ёғиляпти. Ҳали тоза ҳаводан нафас олиш муаммоси ҳам чиқмаса эди.
— Техника тараққиётига қараганда, бу муаммо яқин йилларда кўндаланг бўлади.
— Ҳа... бу аҳволда медитсинага номаълум бўлган турли касалликлар қайнаб чиқаверади. Бирорта касалликнинг руҳий бузилишсиз кечмаслигини ҳисобга олсак, бизга ҳам иш етиб-ортади. Тўғри, бу бузилишларнинг бир қисми асосий касалликларга ва у келтириб чиқарган токсикозга, бир қисми эса шахснинг шу касалликка кўрсатадиган қаршилигига боғлиқ.

Дилмуроднинг ёниб баҳсга берилганини кўрган Рҳақ аввалига суҳбатни якунламоқчи бўлди. Кейин унинг фикрларини ўз оғзидан эшитиш учун, гапни давом эттирди:
— Ҳар бир одамда касалликка мойиллик турлича бўлади, — деди у. — Бу унинг чиниқишига боғлиқ. Агар одамлар ёшликдан чиниқиб борсалар, бизнинг ташвишларимиз ўринсиз бўлиб қолади.
— Мирзавой ака, гап фақат чиниқишда эмас, атроф-муҳитга ҳам боғлиқ. Муҳитдан таъсирланиш натижасида пайдо бўлган ҳар бир руҳий тўлқин, ҳаяжон, қайғу бошқа аъзоларга ҳам таъсир кўрсатади. Натижада қонга айрим кимёвий моддалар қўшилиши мумкин. Уларнинг айримлари, одамга қараб гормон бўлади. Табиатга қўпол равишда аралашиш натижасида пайдо бўлган касалликларни фарматсевтика заводларида ишланган дорилар билан тузатиб бўлмайди. Фақат касалликнинг ривожланишини озгина чеклаш мумкин.
— Гапингиз қизиқ бўлди-ку? Дори кор қилмаса, дуо ўқиб даволаймизми?
— Давони табиатдан излаш керак. Шаҳарликлар билан мана шу қишлоқда яшайдиганларнинг ўртача ёшини солиштириб кўринг-а? Ким устун? Албатта, қишлоқдагилар. Бу оддий ҳақиқат-ку! Тоза ҳаво, тоза сув, вақтида сут-қатиқ, жисмоний ҳаракат... Улар узоқ умрнинг энг муҳим омилларига эга. Фақат булардан оқиллик билан фойдаланишни ўрганиш керак. Шаҳарлар катталашади, дедим. Катталашади эмас, катталашяпти. Замон тинмай ҳаракатда. Одам кечагидан бугун кўпроқ ахборот қабул қилиб мияга юк ортяпти. Бу юкни кўтариш учун мияда бор-йўғи ўн тўрт миллиард асаб ҳужайраси бор. Ҳолбуки, у қабул қилаётган ахборотлар сонига, тараққиётига мос равишда ошиб бормайди. Ўн тўрт миллиардлигича тураверади. Шаҳарликлар тез-тез касбларини ўзгартиришга мажбур бўла бошлайдилар. Тараққиёт шуни талаб қилади. Буларнинг барчаси умрнинг эгови.
— Касбни ўзгартириш масаласи қишлоқда ҳам бор. Мана, Зокирхўжа, илгари туппа-тузук жувозкаш экан. Энди мошин ҳайдайди. Инсон яшашнинг одатдан ташқари тартибларига кўникма ҳосил қилиб боради. Ваҳимага ҳам уста экансиз. Гапларингизни одамлар эшитса, эртаданоқ таркидунё қилишади.
— Йўқ, Мирзавой ака, мундай ўйлаб кўринг-а...
— Бўпти, ўйлаб кўрамиз, эрта бўлсин-чи... — Рҳақ-Мирзавой шундай деб Дилмуроднинг елкасига қўл ташлади. Улар Асқаралининг кўчасига етгач, хайрлашишди.

Қишлоқ тун оғушида, кўп уйлардаги чироқлар ўчган. Итлар бетўхтов ҳуради. Қаердадир бетайин хўроз қичқиради. Онасидан айириб боғлаб қўйилган бузоқ мўъраб қўяди.

Дилмурод чироқнинг пилигини сал пастлатиб ётди. Уйқуси келмади. Тонгга яқин кўзи илиндию боши лўқиллаган, ланж бир аҳволда ўрнидан турди. Бир ўзини ташлаб кетгани учун хотинидан ранжиб қўйди. Турайми-турмайми деб ётганида яна кўзи илинибди. Ташқарида челак тарақлаб, чўчиб уйғонди. Бу сафар ирғиб ўрнидан турди. Қараса, кун ёйилибди.

Эринибгина ҳовлига чиқиб, сой томонга юрди. Сувнинг шабадаси бағрига урилиб энтикди. Атрофга қараб, хотин-халаж йўқлигига ишонч ҳосил қилгач, шимини ечиб сувга тушди. Сескана-сескана ювинди. Охири совуққа чидай олмай, ҳаккалаб қирғоққа чиқди-да, дийдираганча артина бошлади. Дарров изига қайтмай, харсанг тепасида ўтирди. Офтоб нури баданига хуш ёқди. Кечаги суҳбат хаёлига келди.

«Техникумда ўқиганман, кўп нарсани билмайман, деб талмовсираб турарди. Балога ақли етар экан-ку?—деб ўйлади у. — Институтни битирганлар ҳам бунчалик фикрламайди. Ҳадеб унга маъруза ўқиб, ақл ўргатавермаслигим керак экан. Яна мени аҳмоққа чиқариб юрмасин. Ўзи шу бемаъни одатимни ташлашим керак. Билган нарсам ичимда тек турмай, қайнайверади. Шунинг учун ҳам домламдан кўп дакки эшитардим... Энди эса дакки берадиган одам йўқ. Мирзавой ака индамай қулоқ солаверади. Кечаги суҳбатда домлам бўлганларида, таъзиримни берардилар...»

Унинг кўз ўнгига қадди сал букик, тепакал, мўйловлари ҳам бир текис оқарган, нигоҳи сергак профессор Раззоқов келди. Домласини олиб кетишмасдан бир кун олдин ҳам устоз-шогирд тортишишганди. Ўша куни гап даволаш усуллари ҳақида борган эди... Уйда ҳам оила ташвишларини ўйламайдиган қайнота-куёвнинг бу одатига кўникиб қолган Ақида қизини олиб қўшни ҳовлига чиқиб кетди.
— Қадимги одамлар «Понани пона билан чиқарадилар», дейишган экан. Биз ҳам касалликка қарши курашда кимёвий дорилардан воз кечишимиз керак,— деди Дилмурод жўшиб. — Мен бир хил касалликка даво берувчи кимёвий дорининг албатта иккинчи хил хасталик туғдиришига аминман. Балки янги туғилган хасталик биз учун хавфлироқ бўлар. Мен давони табиатнинг ўзидан қидириш тарафдориман.
— Мен қаршилик билдирмадим шекилли? — деди профессор кулимсираб. — Сиз айтаётган фараз минг йиллар илгари кун тартибига қўйилган. «Калила ва Димна» билан таниш бўлганингизда бу муаммони янгилик сифатида илгари сурмасдингиз.
— Фараз туғилган бўлиши мумкин. Лекин одамлар ирим-сиримнинг қули бўлиб келишяпти-ку?!
— Ирим-сиримларни қоралашингиз яхши. Бидъат ҳамиша заҳар бўлиб келган. Аммо, халқнинг урф-одат-лари ўн ёки юз йил ичида эмас, минг йиллар давомида шаклланган. Бизга ёқинқирамаётган ирим-сиримларни бир ҳамлада йўқотиш қийин. Эсини таниганидан бери Худонинг номи қулоғига қуйилган одамни коинот бўйлаб айлантириб чиқинг-да, кейин: «Мана, ҳеч қаерда Худо йўқ», деб кўринг-чи, ишонармикан. Ошдан курмак чиқса, товоқни ирғитмайсиз, шундайми? Ирим-сиримларни бутунлай инкор этмасдан, ўрганиш керак. Ҳозир ўзингиз, давони табиатдан излаш керак, дедингиз. Унда тоғлардан гиёҳ териб дори тайёрловчи табибларни инкор этишингиз нимаси? Уларнинг бидъатга мутлақо алоқаси йўқ. «Халқ табобати» деган иборани тўғри маънода қабул қилиш вақти етди. Ахир илгари касалга чалинган одам ўлиб кетавермаган-ку. Халқ табобатида ар-Розий, ибн Сино сингари буюк алломаларнинг таълимотлари яширинган. Ё «намоз ўқиган» деб улардан ҳам юз ўгирасизми?
— Мен уларни қоралаганим йўқ. Чала муллаларни назарда тутдим.
— Ҳатто уларни ҳам ўрганиш керак. Мен руҳий касалларни даволайдиган эшонларни оқламайман. Бичиб қўядиган, занжирбанд беморларни калтаклаб, қўрқитадиганларни ёвуз махлуқ деб биламан. Лекин азайимхонларнинг одам руҳига таъсир этиш санъатини назардан қочирмаслик керак.
— Фикрингиз тўғрига ўхшаса ҳам, қўшила олмайман. Мошдек фойда изидан келувчи олмадек зарарга бефарқ қараб бўлмайди. Дадангиз ўткир табиб ўтган эканлар. Шунинг учун ҳам сиз табобатни ёқлаяпсиз. Замон медитсинаси халқ табобатидан анча устун туради. Уларга мурожаат қилишнинг ҳожати йўқ!

Профессор куёвининг кейинги гапларидан ранжиб, суҳбатни бас қилган эди. Ярим кечада эса...

Дилмурод устозининг доно суҳбатларини қўмсади. Кўнгли вайрон бўлиб уйга қайтди. Асқаралининг келини енг шимариб таппи ёпарди. Дилмуродни кўриб бир оз ишдан тўхтади-да: «Хонтахтага дастурхон тузаб қўйдим», деди. Дилмуроднинг нонушта қилгиси йўқ эди. Бу гапдан кейин ноилож айвонга ўтди. Ҳар сафар мазали туюлган қаймоқ ҳам томоғидан ўтмади. Бир пиёла чойни ичиб, кўчага чиқиб кетди.

Кўчаларга илинган тамаки баргларининг шодалари камайиб қолибди. Гузарга бораверишдаги колхоз саройига хотин-халаж йиғилган. Улар қуриёзган баргларни ҳафсала билан тахлашади. Майда болалар ҳам шу ерда. Қишлоқнинг кексайиб қолган темирчиси сарой ёнидаги устахонасини яна очмабди. Тоби қочиб қолгандир. Бир ўзига қийин. Шогирди ўқийман, деб шаҳарга кетибди. Ўғли эса тамаки билан банд.

Икки киши устахона олдидаги сўричада гурунглашиб ўтирибди. Теракка боғланган отлар шуларники бўлса керак. Улар Дилмуродни кўриб ўринларидан туришди-да, қуюқ сўрашишди. Каримбердини тузатганидан бери Дилмуроднинг обрўйи ошиб кетди. «Профессор экан», деган гапдан ўша куниёқ барча хабар топган эди. Энди уни «янги дўхтир» эмас «пропесур дўхтир» деб аташа бошлашган эди. Дилмурод бундан хижолат бўлаётганини айтганида Асқарали: «Қўяверинг, одамлар дўхтирларга ҳам ихлос қўйишга ўрганишсин. Эрта-индин профессор бўлсангиз, хижолатингиз унутилади», деб қўя қолди.
— Мирзавой акам ичкаридамилар? — деб сўради Дилмурод Асқаралидан, сўрига омонат ўтириб.
— Саҳармардонда доривор кўкат териб келаман, деб тоққа чиқиб кетдилар. Сизни Мирсодиқжон кутиб ўтириб эдилар. Ҳозиргинада изларига қайтардим. Кичиклари оғриб қолибди.
— Нима бўлибди?
— Қайдам, эмганини ташлайвериб, кўкариб кетганмиш.
— Онаси тамакига чиққан эканми?
— Мамарайим чиқмаганига қўядими?
— Мамарайимингизга одам эмас, тамаки керак. Эмизикли хотинларга тегманг, девдим-ку. У хотин ҳам баргни кўкрагига қўйиб тахлаганга ўхшай- ди. Баргнинг заҳари сутга ўтган. Кейин боласини заҳарлаган. Тушунтирган билан қулоққа олишмай-ди-я! — Дилмурод шундай деб қўл силтади-да, ўрнидан туриб кетди.
— Куюнаверманг, иним, эси кириб қолар, — деди Асқарали, унинг бу ҳаракатига тушунмай.

Дилмурод пастга тушди-да, қишлоқнинг кунботар томонига қараб кетди. У кетди-ю, гузарда қопчиғини орқалаган Рҳақ-Мирзавой кўринди. Асқарали билан омонлашиб, шифохонага ўтди.

Шифохона олди супурилиб, сув сепилибди. «Шопўлат акамиз келибдилар, яхши», деб ўйлади у. Аммо остонадан ҳатлай туриб уч-тўрт қизалоқнинг даврасида ўтирган Сабохонга кўзи тушдию тўхтади. Сабохон чанқовуз чалар, қизалоқлар ундан таралаётган ажиб куй сеҳригами ёки ижрочининг маҳоратигами маҳлиё бўлиб қолгандилар. Рҳақ уларга халал бермаслик учун, тўғрироғи, чанқовузни эшитиш мақсадида тўхтаб, ўзини панага олди.

Куй тинди. Сабохоннинг овози чиқди:
— Энди ким чалади?
— Сиз.
— Ие, ҳадеб мен чалавераманми? Бўпти, ким чалишини ҳозир аниқлаймиз: Ҳакалакам, дукалакам,
Човли чамбар,
Ола кўзи қағда?
Бағда.
Лола,
Каптар,
Гулдур гуп.
Олама-қурама,
Офтобда юрма,
Сан кир,
Сан чиқ.
Мана, Сожидахоннинг галлари экан.

Сочларига пилик таққан қиз чанқовузни олди. Энди куй эмас, ёпишмаган товушлар чиқа бошлади. Рҳақ сўри томонга юрди. Сабохон уни кўриб ўрнидан турди. Қизалоқлар салом бериб, секин чиқиб кетдилар.
— Чанқовузни яхши чалар экансиз, — деди Рҳақ-Мирзавой унинг саломига алик олиб.
— Вой, эшитдингизми? — Сабохон чинакамига уялиб кетди.
— Ҳа, сал-пал, Шопўлат акам қанилар? — деди Рҳақ унинг кўзига тик қарай олмай.
— Келмадилар. — Сабохон ҳам ундан кўзини олиб қочди. Рҳақ Сабохон билан бир неча марта ёлғиз қолди. Ҳар сафар жувонга илиқ гап айтгиси келади, аммо ўзи билмаган ҳолда, сўзини йўқотади. Сал довдираса ҳам жувондаги ўзгаришни сезади. Сезади-ю, юраги ғалати ўртаниб кетади...
— Кўчага сув сепилганига, келибдиларми, дебман.— Рҳақ шундай деб, ичкарига кирди. Хонага қамалиб қолган дим ҳаво димоғига урилди. Бориб деразани очмоқчи эди, қанотларини ёйганча пардага ёпишиб турган қушчага кўзи тушди. Тикилиб қаради. Бу нима? Қалдирғочми? Йўқ-э, бунақа кичкина бўлмасди, думи ҳам... ранги қўнғирми.. Кўршапалакми? Ҳа, кўршапалак. Қоронғида кириб олгану кун ёришиб учолмай қолган.

Қушчанинг бундай осилиб туриши Рҳаққа ажойиб туюлди. Сабохонга кўрсатиш учун уни чақирди.
— Вой, қалдирғоч! — деди Сабохон уни дарров қўлига олиб. — Ҳали кўрмабман. Қаердан кириб қолдийкин? Чиқолмай тоза қийналибди бечора.
— Қалдирғочми?
— Ҳа-да, мана, қанотини қаранг.
— Мен кўршапалакмикин, дебман.
— Вой, худойим, — Сабохон кулди, — сиз томонларда ҳеч қалдирғоч йўқмиди?

Сабохон қушчани авайлаб ушлаганча чиқиб кетди. Рҳақ оқ халатни олдию кийгиси келмай диванга ўтирди. Сабохоннинг гаплари суяк-суягидан ўтиб кетди: «Сиз томонларда қалдирғоч йўқмиди?..» Жувонга нима десин? Йўқ эди, шунинг учун ҳам қушларни фарқлай олмайман, десинми? Тангда-ку, қуш зоти йўқ эди. Ахир, Ерга аввал келганда қалдирғочни кўрган эди-ку! Наҳот унутди? Наҳот энди Ерда ҳам атрофдаги нарсаларга бефарқ қарайдиган бўлиб боряпти?..

Бухорода, Назиранинг айвонида, шундайгина тоқига ёпиштириб қалдирғоч уя солган эди. Оғизларини катта-катта очиб чийиллайдиган полапонларга онаси емиш таширди. Кун бўйи ташиса ҳам болалари тўймасди. Рҳақ қалдирғочларнинг осмонда чарх уриб учишларини томоша қилишни яхши кўрарди. Кўм-кўк осмон, чеки-чегараси йўқ кенглик. Қалдирғочнинг эркин учиши... Унинг қалби ҳам кенгликларга интиларди. Бироқ... тақдир тақозоси билан унга гавжум шаҳарда яшаш насиб этди. Қалдирғочнинг беғубор осмонда учишини кўрмаганига, аниқроғи, кўра туриб аввалгидай эътибор бермаганига қанча бўлди?

Рҳақ ўрнидан туриб, дераза олдига келди. Сабохон кўринмайди. Нима қиляпти экан? Рҳақ шу хаёл билан ташқарига чиқди. Сабохон кўча томондан кириб келди.
— Қалдирғоч қани? — деб сўради Рҳақ.
— Учиб кетди.
— Учиб кетди?
— Ҳа, — Сабохон Рҳақ-Мирзавойдаги бу ўзгаришни сезиб ҳайрон бўлди. «Ё қалдирғоч керакмидийкин?» деб чўчиди ҳам.
— Учиб кетгани яхши бўлибди... — Рҳақ шундай деди-ю, аммо қалдирғочнинг учиб кетганига юракдан ачинди. Гўё қушча унинг қалбидан ниманидир олиб кетган эди. Рҳақ бир нарсасини йўқотган одамдай гаранг бўлди. Осмонга қаради. Икки қалдирғоч учиб юрибди. Шунинг биттаси ҳозир озодликка чиққан қалдирғочмикин? Бир неча соатлик тутқунликдан сўнг эркнинг қадрига етиб, шодон чарх уряптими? Рҳақ дастлаб уни кўрганда жонсиз деб ўйлаганди. Жувоннинг иссиқ кафтида янгидан жон кирдимикан...

Сабохон... Ёши ўттиз бешларга бориб қолган бўлса ҳам, латофатини йўқотмаган. Унга баъзан ўғринча қараганида Рҳақнинг юраги ғалати бўлиб кетади. Нимагалигини аниқ билмайди. Ҳозир ҳам шундай бўлди.
— Юринг, ўтирайлик, қиладиган иш ҳам йўқ, — деди Рҳақ, сўри томон бошлаб. Сабохон ундан сал четроққа ўтирди.
— Қишлоғингиз кичкина экан, — деди Рҳақ гапни нимадан бошлашини билмай.
— Зерикиб қоляпсизми?

Рҳақ бу саволнинг қай мақсадда берилганини англамади.
— Зерика бошладим.
— Оилангизни олиб келинг эди-да.
— Бўлганда олиб келардим.
— Сўққабошмисиз, ҳали?

«Қувлик қилишини қаранг-а, — деб ўйлади Рҳақ,— ҳаммасини билади, атайин гап қўшмоқчи».
— Сўққабошман. Уйланишга вақт бўлмади.
— Ол-а... — Сабохон пиқ этиб кулди.
— Ўзингиз-чи? Ўзингиз нимага турмуш қурмайсиз?

Сабохон унга ялт этиб қаради. Қуюқ киприклари титраб кетди. Эркак кишидан, яна бўйдоқ одамдан бундай савол кутмагани учун довдираб қолди. Ўрнидан туриб кетмоқчи бўлди, аммо ўзини тутди. Сезилар-сезилмас хўрсинди.
— Эрим бўлмагани билан бошим очиқ эмас, — деди пичирлаб.

Бошқа сўз айтмади. Юзини бурган ҳолда, ариқдаги сув юзини силаб турган атиргулнинг синиқ шохига кўз тикиб ўтираверди. У шу топда бошидан ўтган савдоларни истараси иссиқ бу «сўққабош» одамга айтиб бергиси келар, лекин ҳаёси йўл қўймас эди. Рҳақ эса унинг хаёлидан ўтган гапларни «ўғирлаб», у билан фикран гаплаша бошлаган эди:

«Асқарали тоғанинг ўғилларига кўнглим бор эди. Пешонам шўр экан, бошқа кишини эр қилдим. Мен уни азалдан ёмон кўрардим. Йўқ, ўзи ёмон одам эмасди, фақат сал тўпори, кўриниши совуқроқ эди. Тегишга тегдиму у билан яшаб кетишга кўнглим чопмади. Ёстиғимиз бошқа-бошқа эди. Мен айвонда, у аччиқ қилиб уйга кириб кетарди. Бир куни ёнимга акаси кириб олибди... Хўжа пиён дейишарди. Эсипастроқ одам эди. Устига-устак, бетиним ароқ ичарди. Ўша кечаси ўзини осиб қўйди. Ёнимга келгани билан менга теголмади. Ирғиб туриб кетдим. Уйдан эрим чиқди. Акасининг йигирмаси ўтгандан кейин эрим ғойиб бўлди. Узунқулоқ гапларга қараганда шаҳарда эмиш. Мен қайнонам билан яшаб юрибман. Унга ҳам қийин, бир ўғли ўлди, бири бедарак... Тақдиримга қайнонанинг қош-қовоғига қараб ўтиш ёзилган экан шекилли...»

«Эрингизни ҳеч ким қидирмадими?»

«Қидиришди... Сойга хас ташлаб излаб кўринг-чи, топа олармикансиз...»

Сабохон Рҳақнинг тикилиб ўтирганини сезиб яна ялт этиб қаради. Рҳақнинг хаёлидаги суҳбат узилди. Жувонни ноқулай аҳволдан қутқариш учун ўрнидан турди. Ичкарига кирай деб турганида остонада юз-кўзини чанг босган Дилмурод кўринди.
— Сабохон, яхнадан борми? —деди у сўрига ҳор-ғин ўтириб. Кейин дўпписини олиб ёнига қўйди. Рўмолча чиқариб бўйнидаги терни артди. Рўмолча қоп-қора кир бўлди. — Оббо, тоза бопланибман-ку, бир ювиниб олмасам бўлмайди. — У шундай деб, ҳовли ўртасидан ўтган ариққа келди-да, кўйлагини ечиб ювина бошлади. Рҳақ ичкаридан сочиқ олиб чиқди.
— Сув яхши нарса-да, бутун чарчоқни олади-қўяди,— деди у артина туриб.
— Мана яхна, — Сабохон шундай деб чойнакни сўрига қўйди.
— Жуда ҳаяллаб кетдингиз, тинчликми? Болага нима қилибди? — деб сўради Рҳақ.
— Заҳарланибди. Уч ойлик гўдакни кўтариб тамакига олиб чиқибди. Раёнга олиб бордим. Болани Худо қайтариб бердими ё вақтида етиб бордик-ми, билмайман. Раис машина бермаса аҳвол чатоқ эди. Раёнга борганимизда бола кўкариб кетган эди. Йўқ, энди пича тузук. Ўзингиз қалайсиз? Ҳа, айтмоқчи, раёнда илон овловчилар билан кўришиб қолдим. Илоннинг заҳарини тўплашар экан. Боқувдаги илондан озодликда юрганлари кўпроқ заҳар бераркан. Бунга нима дейсиз?
— Нима дердим, тўғри.
— Демак, фаразим исботланди. Эсингиздами, клиникадаги бемор билан эркин юрувчи Шопўлат акамизни таққослаган эдим. Демак, тўғри йўлдан боряпмиз... Бугун ҳам ҳеч ким келмабди шекилли? Раёндагилар касалларинг йўқ, битта одам ишласа ҳам бўлади, дейишяпти. Бошим қотиб қолди. Икковимиздан биттамиз раёнда ишлаймиз шекилли...
— Аниқ гапми?
— Унчалик аниқ эмас. Ҳужжатларингиз топилгунча индашмайди. Қани, юринг, бир чой ичайлик. Кейин Шопўлат акадан хабар оларман.

Дилмуроднинг режаси бўйича ТЭТ нинг иккинчи синови шу кунга белгиланган эди. Шунинг учун Рҳақ чой ичиб бўлгач, мозорбошига борди. Девонага яхши гапириб, уни пастга бошлаб тушди. Девона ҳовлига сув сепаётганда Дилмурод ҳам кириб келди. Девона уни кўрдию ишдан тўхтаб, оғзини сал очиб Мирзавойга савол назари билан қаради. Рҳақ унга жилмайиб қўйди. Шунда Девона уларнинг ҳар икковини ҳайратга солиб ичкари кирди-да, чарм қопланган тахта сўрига ётиб олди. Дилмурод симларни эҳтиётлик билан унинг энсасига қўйди. Девона шунда ҳам қимир этмади. Фақат импулс юборилганда сал титради-ю, тинчиди. Бу сафар ҳушини йўқотмади. Аммо шифтга бақрайганча қимир этмай ётаверди. Рҳақ ҳам, Дилмурод ҳам бир четда уни кузатиб туравердилар. Девона «Қани Шопўлат ака, туринг энди», дейилгандан кейингина ўрнидан қўзғалди. Дилмурод Девонадан хабардор бўлиб туришни Рҳақдан илтимос қилди-да, қоғоз-қалам олиб ёзишга тутинди.

Девона бу сафар мозорбошига қараб юрмай, самовархонага кирди. Эски одати бўйича бир бурчакда биқиниб ўтирди. Девонанинг бошқаларга халал бермаслик учун доим шу ердан жой олишини Рҳақ яхши биларди. Асқарали унинг олдига бир чойнак чой, нон, қанд-қурс келтириб қўйди. Девона қувониб, унга қараб тиржайди. Рҳақ эса сўрига ёнбошлаганча унинг шошиб нон чайнашини, бўйнини чўзиб ютинишини кузатди. Шу аснода Девонанинг хотирасида бугун уйғонган воқеаларни кўз олдига келтирди.

Чимилдиқда Жон Берган Куёв

Машҳуранинг дилида қанча дард йиғилиб қолганини йиғиси ошкор этиб қўйди. Озиб, хипчиндек бўлиб қолган қиз акасига ҳасратини тўкиб сололмай, фақат йиғларди. Ҳатто акасининг елкасига бош қўйишга ҳам ҳаёси йўл бермасди.

Бир мучал ошиб ўтилгач, қизлардаги иффатнинг уйғониши, анча ҳуркак бўлиб қолишларини Сабоҳиддин биларди. Шунинг учун ҳам синглисига фақат елкасини тутиш билан чекланди.
— Сизни ҳеч ким ранжитмадими? — деб сўради Сабоҳиддин Машҳура овунгач.
— Йўқ, — деди қиз синиқ овозда.
— Ташқарига чиқяпсизми?
— Қўрқяпман...
— Овқат-озиқни ким келтиради? Аёллардан борми?
— Бор... тунов куни ҳалиги келди...
— Ҳалигингиз ким?
— Сожида... янгам...
— А? У бу ерда нима қиляпти?
— Ўзингиз кўрасиз, — Машҳура уларнинг нима билан машғул эканини айтишга уялди. Сабоҳиддин буни сезди. Ўринсиз савол бергани учун ўзи ҳам ўнғайсизланди.
— Кириб гаплашиб турадими?
— Ҳа.
— Нима дейди?
— Кўп гапиради. Мени акангиз аччиқ устида талоқ қилганлар, кейин чиққан гапларнинг бари туҳмат, дейди. Бахтсиз эканман, деб йиғлайди.
— Бахтсиз бўлса ҳам, бахтли бўлса ҳам Худодан. Худо гуноҳлари учун ахир бир кун жазо беради.
— Шу кўйда юришининг ўзи худо ургани эмасми?

Сабоҳиддин синглисига қаради. Фақат бўйига бўй, ҳуснига ҳусн эмас, ақлига ҳам ақл қўшилибди. Оқ-қорани ажрата бошлабди.

Султонмурод ўтов олдига келиб бир йўталиб олди-да, ичкари кирди.
— Қўрбоши Шермуҳаммадникига кетибди. Бугунча дам олсак ҳам бўлади, — у шундай деб тўрга чиқиб ўтирди.
— Акам-чи, акам шу ерда эканларми? — деб сўради Сабоҳиддин унинг фотиҳа ўқишини кутмай.

Султонмурод Сабоҳиддиннинг саволини эшитмагандай фотиҳа ўқигач, қизнинг ҳол-аҳволини сўради. Сўнг норози қиёфада унга қаради:
— Кўпам бесабр бўлаверманг. Жамолиддин соғ-омон. Тегинманглар, деб тайинлаб келдим. Хотиржам бўлинг.
— Ахир акам ўғирлик қилмаганлар. Худо шоҳид.
— Бунга мен ҳам ишонаман. Лекин акангизнинг мўъминлар олдида бўлак айблари ҳам бор. Қўрбоши сиз билан менинг юзимни қилиб, акангизнинг айбидан ўтса, ажаб эмас, — у яна юзига фотиҳа тортди-да, ўрнидан турди. Кейин «Сизлар бафуржа гаплашаверинглар, менинг бекларга айтадурган сўзим бор», деб чиқиб кетди.

Кеч кириб, осмонга юлдузлар сочилди. Тоғ ўркачлари қорайиб кўринди. Отлар пишқиради, кишнайди. Тошларга урилиб оқаётган сувнинг шовқини кўтарилгандай бўлади. Бир неча ерда ўт ёқилди. Энг катта гулхан йўғонлиги икки қулоч келадиган чинор остидаги оқ ўтов қаршисида аланга олди. Бир замон ўша томонда кимдир хирқироқ овозда қўшиқ айта бошлади. Доира гумбури, йигитларнинг қийқириғи унга жўр бўлди.

Қибладан кўрсат юзингни, Маккадай айлай тавоб,

Сен лабингдан бўса берсанг, мен қилай бағрим кабоб.

Машҳура юзига қизил югуриб, ерга қаради. Қўшиқ шу ерда узилиб, йигитларнинг қийқириғи доира овозини ҳам босиб кетди.
— Ана, чиқди шекилли...
— Ким?
— Анови-да, қаранг.

Сабоҳиддин ташқарига чиқиб, гулхан томонга қаради. Йигитлар ўринларидан туриб кетишган, ўртада кимдир ўйнар, лекин уни таниб бўлмас эди. Сабоҳиддин давра томон юрди. Яна қўшиқ бошланди. Олти каптар етти бўлиб қўнди теракка,
Қўшнимизнинг икки қизи чиқди элакка.
Дўст, чиқди элакка, яна чиқди элакка,
Бодомқовоқ, юпқа томоқ, додимга етсанг-чи!
У ёғингдан ўтай, бу ёғингдан ўтай, кўнглингни олай.
Тўтиқушнинг боласидай қўлингга қўнай.
Ҳа, қўлингга қўнай, дўст, қўлингга қўнай!
Бодомқовоқ, юпқа томоқ, додимга етсанг-чи!
Ўртада аёлча кийиниб, дуррача боғлаган, гажак ясаган семиз бир йигит лорсиллаб ўйинга тушарди. Сабоҳиддин уни кўриб кулимсиради. Синглиси шуни Сожида деб ўйлаган бўлса керак. Йигит қош қоқиб, нозик қилиқлар қилиб хотин бола-чақасидан йироқда юрган эркакларнинг хирсига тегар, улар қарсак чалиб «Дўст!», «жонингдан!» деб қийқиришарди. Тоғда қуён отибман, ияги йўқ,
Жонон кўйлак кийибди, жияги йўқ.
Жияги йўқ жойларидан қўлим солсам,
Билқиллайди қўш анори, суяги йўқ,
Дод, суяги йўқ...
Қийқириқ авжига чиқди. Ҳаяжони тошиб кетган йигитларнинг айримлари ўртага тушиб «жувон» билан ўйнай бошладилар. Айримлари «жувон»ни белидан ушлаб, ўзига тортган маҳалда, баъзан эса «жувон»нинг ўзи кимгадир «карашма» қилиб ўтганда оҳ-додлар уланиб кетарди.

Сабоҳиддин изига қайтди. Ўтовга яқинлашиб, тўхтади. Атрофга аланглади. Ҳамма кўнгил очиш билан банд. Қўрбошидан марҳамат кутмай акасини қочириб юборишнинг айни пайти эмасмикин? Қўрбошининг Жамолиддинни афв этиши унинг бўйнига қўшимча сиртмоқ бўлиб тушмайдими? Лекин акаси қаерда, уни қаердан излаш керак? Сабоҳиддин беихтиёр нарида ёнаётган гулханлар томон юрди. Қумғонда чой қайнатаётган йигитга яқинлашиб салом берди-да, кеча тутиб олиб келинган одамнинг қаерда ётганини сўради.
— Ўзлари ким бўладилар тақсир? — деб сўради йигит унга ишонқирамай қараб.
— Султонмурод аканинг... ўғиллариман. Кечагина Бухородан қайтдим.
— Ҳа, янгилигингиз билиниб турибди. Ҳибсга олинганларни, ҳали омон бўлишса, ертўладан топасиз. Қўрбоши болшавойларни кўпам тутиб турмайдилар.
— Ертўла қаерда?
— Оқ ўтовни кўрдингизми? Ўшанинг шундайгина пойида. Қўрбоши изн бермаса, авлиёни ҳам йўлатишмайди у ерга. Бориб овора бўлмай қўя қолинг. Ёки болшавой яқинингизми?
— Нимага бундай деяпсиз?
— Куюнишингиз ошкор қилиб қўйяпти-да.

Сабоҳиддин бу гапдан гангиб, оқ ўтов сари юрди. Аммо ўтовга етмаёқ уни тўхтатдилар...

Норхўжа эртасига оқшомда қайтди. Унинг кайфияти бузуқ, қовоғи солиқ эди. Султонмурод Сабоҳиддинни оқ ўтовга бошлади. Норхўжа тўрда ўтирарди. Султонмурод Сабоҳиддинни таништирди.
— Хуш келибсиз, мулла Сабоҳиддин. Бухорои шарифдан юборилган номани олдим. Қутлуғ хабар етказибсиз.
— Мулла Сабоҳиддин хизматингизга тайёрлар, — деди имом таъзим билан.
— Қани, ўтиринг, хизмат қочмас.

Эшоннинг бу таклифи жавобсиз қолиб, Султонмурод ҳам, Сабоҳиддин ҳам қўл қовуштирганча тураверишди.
— Яна нима гап? — деди қўрбоши улар савол назари билан қараб.
— Узримиз бор.
— Кейин.
— Узримизни эшитмасангиз, еганимиз ичимизга тушмайди.
— Тезроқ айтинг бўлмаса.
— Тунов куни бекларингиз Сабоҳиддиннинг акаларини олиб келишибди.
— Ҳа, Жамол ўрисми? Бир камбағалнинг шўрини қуритибди-да, а?
— Асти ундай эмас, бу туҳмат. Биз Жамолдиддиннинг гуноҳини сўрамоқчимиз.
— Қўйиб юборинг, дейсизми?
— Ҳа, тақсир. Жамолиддинни шайтон йўлдан оздирган. Чилла тутиб унинг гуноҳини Худодан сўрайман. Марҳаматингизни аяманг.
— Қўйиб юборайми? — дея қайта сўради қўрбоши Сабоҳиддинга тикилиб. — Бугун қўлимдан чиқиб кетса, эртага яна шерикларига қўшилади. Тўппончасидан учган ўқ нақ пешонангизга санчилса ҳам чилла тутиб ўтирасизми?
— Энди зинҳор бу йўлга қайтмайди. Сўзимизни ерда қолдирманг.
— Изига қайтмайдими? Мулла Сабоҳиддин, сиздан сўрайман: изига қайтмайдими?
— Худо хоҳласа...
— Қайтади... — Норхўжа кескин оҳангда шундай деб ўйга толди. Кейин тиззасига шапатилади. — Майли, тўрт томони қибла, кетаверсин. Чиқиб айтинг, саҳарда йўлга солиб юборишсин. Қани, энди ўтиринглар, узрингиз қабул бўлди. Аҳмад дев, Мамат чирик қани? Юсуф қизиқни топиб келибдими?
— Йўқ, бегим, Юсуф қизиқни Марғилондан тополмабди.
— Осмонга учиб кетибдими?
— Холиқберди тўраникида экан.
— Шу ерда ҳам йўлимга ғов бўлдими? Бу марғилонликдан қутулар кун борми ўзи?!
— Яна бир гап ўтдими?
— Сиз учун шунчаки бир гапдир, — деди Норхўжа унга қовоқ уйиб. — Мен учун мусулмонларнинг ҳаёт-мамотини ҳал қиладиган гап. Туновинда дашноқи арманлар пешин намози пайтида масжидга бомба ташлашибди. Дашноқларни битта қўймай қириб ташлаш ўрнига, Холиқберди тўра Фрунзе билан аҳд-паймон қилиб, бизни биттадан тутиб бермоқчи.
— Бегим, қаеримиздан тутар экан, айтмадими? — бу қочириқнинг маъносини тушунган қўрбоши кулиб юборди.
— Омма зап олдинг, ёмон еридан олдинг, Аҳмад дев, балосан, омма ёмон балосан-да! — деди Норхўжа чеҳрасини очиб. — У Сибирда юрганида ўрисларга сотилган-да! Қўқонда бир хотинчалишлик қилди, ғазабимни ичимга ютдим. Энди расманасига хоинликка ўтибди. Калласи оғирлик қилиб қолганга ўхшайди.
— Эшон, ғазабга ўрин бермаганингиз маъқул. Жаҳл келганда ақл кетади. Икки уришқоқ подшоҳдан икки аҳил дарвишнинг кучи зиёдроқ, дейишади. Муросаи мадора...
— Муросага ўрин йўқ. Ислом лашкарлари ичида хоинлар бўлмаслиги керак! Энди унинг йигитларини ўзимизга ағдариш ҳаракатига тушмоғимиз лозим. Буни алоҳида кенгашиб кўрамиз. Аҳмад дев, нима, шундай ўтаверамизми?
— Бегим, Мамат чирик Ишоқ буқоқ билан Асқар чўтирни бошлаб келибди. Чақирайми?
— Ташқарига жой қилишсин. Бекларимнинг ҳам бир баҳри-дили очилсин.
— Бегим, уларнинг бир паризоди ҳам бор экан, чиқаверсинми?
— Нима? — Норхўжа Аҳмад девга ўқрайди. — Кўнглинг нажасни истаб қолдими? Нақ путларингни йириб юбораман-а!
— Қонимиздан кечинг, бегим, кўнглингиз ёзилармикин, деб эдим-да.

Аҳмад дев таъзим билан чиқиб кетди.

Оқ ўтов олдидаги майдонга йигитлар давра қуришди. Икки киши келиб қўрбошига таъзим қилди. Уларнинг ориқроғи чинданам узун, гўштдор кишининг эса томоғида муштдай буқоғи осилиб турарди. Норхўжанинг имоси билан улар чилдирмаларни чертиб, айтишувларини бошладилар. Охират бозорига
Юк боғлаган карвон, буқоқ.
Олти минг ғиштни пиширган
Бетутун хумдон, буқоқ.
Атрофни кулги, қийқириқ босиб кетди. Ишоқ буқоқ давранинг тинчишини кутиб турди. Кейин хирилдоқ овози билан жавоб қилди: Ариларнинг уясини —
Бет бу, деб алдар чўтир.
Худди чакичлаб чекилган —
Патир, деб жаврар чўтир.
Яна кулги. Елкасига хуржун осган,
Хуржунида ошқовоқ.
Ҳар бири чорак етилган,
Миришкор деҳқон, буқоқ.
Бўлди кулги. Бу кеча қайларда қолдинг?
Бетларинг итнинг изи.
Панжарагулчин юзингдан
Айладингми ор, чўтир?
Қийқириқ авжига чиқди. Кулгидан кўзлари ёшланиб, ичак узилай деди. Чўтир аввал қўлини кўтариб, кейин буқоққа таъзим қилиб, таслим бўлганини билдирди. Кейин икковлон қўшиқ бошлашди: Бўз ўғлоннинг бўз оти,
Кўкка қараб кишнайди.
Уни кўриб жонона
Жиловидан ушлайди.
Ушлама, қўй, ойимқиз
Ҳаром ўлгур тишлайди.
Давра ўртасига бу сафар шопмўйловли «жувон» эшилиб чиқди. Сабоҳиддин нари кетди. Норхўжа савол назари билан Султонмуродга қаради.
— Акасини ўйлаб тинчини йўқотди, — деди эшон.— Манавилар билан келган паризод Жамол ўриснинг хотини бўлган бир вақтлар.
— Шунақами? Бу биладими?
— Синглиси айтгандир.
— Холиқберди унга нима юмуш буюрибди, сўрамадингизми?
— Йўқ.
— Сўранг. Жиловни бўш қўйманг. Кунимизга асқотиб қолади.

Базм давом этарди. Йигитларнинг ҳар бир қийқириғи Сабоҳиддин қалбига тиғ бўлиб санчилди. Унинг кўнгли жиҳод истаб бу томонларга йўл бурган эди. Бунда кўрганлари... Шуларми ислом лашкарлари?! Юрт қон қақшаётган дамда кўнгилочар базмлари нимаси? Азон чақириғини биров қулоғига олиб сафга туради, бошқаси ўз юмуши билан банд. Акасининг гапи исбот топяпти-ку? Чиндан ҳам булар адашганларми? Суст иймон билан ғалабага эришмоқ мумкинми? Ўз нафсига жиҳод эълон қила олмаган одамдан катта жиҳодда қандай каромат кутиш мумкин? Қўрбоши амиралмуслиминдан нафратланса, бу қанақа жиҳод бўлди?

Афсус, алам, нафрат қоришган пайтда кишининг бағрини портлатиб, қўпориб юборай дейди. Сабоҳиддин ҳозир шу ҳолатда эди. Бағрига минг-минг одамнинг дардини, сир-асрорини яшириб, қоронғи кечада хунук манзара касб этиб, мунғайиб ётган бу тоғлар Сабоҳиддиннинг ҳам дардини юта олармикин? Кўрганлари шу ўркачлар ичига сир бўлиб сингармикин? Наҳот Оллоҳ шунча нолаю ибодатини тариқча инобатга олмаса? Юрт бошига шунча азоблар каммиди? Ахир юрак ҳил-ҳил бўлиб кетди-ку? Олдинда яна неча қийноқлар бор? Бу азобларга Сабоҳиддиннинг вужуди чидаш берган тақдирда юраги чидай олармикин? Тарс ёрилиб кетмасмикин? Сабоҳиддин миясига бехос ярқ этиб урилган бу фикрни «алҳамдулиллаҳ, шунисига ҳам шукр», деган сўзлар билан қувмоқчи бўлди.

У ёнғоқзор этагида ёниб турган гулхан сари юрди. Сўнг гулхан атрофида давра қурганлар сафига қўшилди. Суҳбат аввалига қовушмади. Сабоҳиддин узун косов билан гулханни титиб ўтирган кишига тикилиб қолди: қоратўридан келган, ёноқлари бўртиб чиққан, кўзлари қисиқроқ, мўйловли... Яна нимадир етишмайди. Ҳа, соқол. Агар соқол қўйса, Норхўжанинг қуйиб қўйган ўзгинаси.
— Мендан кўз узмай қолдингиз, тақсир, тинчликми ўзи?
— Сиз қўрбошига жуда ўхшар экансиз.
— Жияни бўлгандан кейин ўхшайди-да, — деди даврадагиларнинг бири.
— Ие, жиян бўлсангиз... бу ерда...
— Нима, анов ерда, тўрда ўтиришим керакми? — деди жиян тўнг овозда. — Мен иссиқ ўрнимни товда ўйин-кулги кўраман, деб совутмаганман. Қўрбошингиз шундай юраверса, қорнини ўзимла ёриб ташлайман!!
— Тилаволди!
— Э, сен мени тергайверма. Ҳамманг пана-панада ботирсанлар.

Тилаволди шундай деб қўл силтади-да, туриб дарахтзор орасига кириб кетди.
— Бу бошқа олам, қўрбоши бошқа олам. Тилаволдига Худо девнинг юрагини берган. Аммо гап келса, амакисини аямайди, — деди Тилаволдини инсофга чақирган йигит.
— Тақсир, ҳов ўтовда ёлғиз турган қиз кимингиз бўлади? Ўтовга кириб чиққанингизни кўриб эдим, — деб сўради даврадаги ёши улуғроқ киши.
— Синглим.
— У қизни анча бурун Султонмурод бошлаб келганлар. Қаттиқ қўриқлайдилар. Бир сир бор, дейман-а...
— Сир йўқ, тақсирим, шунчаки... паноҳларига олганлар...

Сабоҳиддин бу гапдан кейин даврадагиларнинг бир-бирига сирли қараб олишганини сезди.

Базм тугагач, Норхўжа ўтовига кирди. Аҳмад дев унга эргашди.
— Бегим, бир нарсани сўраш ниятим бор.
— Сурайвер.
— Бухорои шарифдан мактуб олдим, дедингизми?
— Ҳа.
— Ёрдамдан дарак борми?
— Кутинглар, дейишяпти. Амир жангга тайёрланяпти.
— Тайёргарлиги жуда чўзилиб кетмадимикин?
— Бу билан ишинг бўлмасин.
— Мулла юборгандан кўра тўртта бешотар юборишмайдими?
— Калта ўйлайсан, дев. Билагингда кучинг бору каллангда ақл йўқ. Биргина мулланинг ярим оғиз сўзи билан сендақа юзта дев эплай олмайдиган иш битади. Бу йигит жиҳод кўрган экан, бизга асқотиб қолади. Беш йил Бухоро тупроғини ялаган. Бу чакана гап эмас! Аммо мулла йигитни сира назардан қочирма. Бу ёққа келишдан олдин Холиқбердининг суҳбатида бўлган. Тўранинг бир нияти борга ўхшайди. Лекин мулла йигит унга эмас, менга хизмат қилади. Бир ниятим бор. Иншооллоҳ, унга шу мулланинг кўмаги ҳам тегади.
— Султонмурод-чи?
— Энди у қариб қолди... Қари эшак ағанаб, тупроқ тўзитишдан бошқа нарсага ярамайди. Мен Худо деб, қилич яланғочлаб юрибману, Худо менга обрўлироқ бирон шайхни раво кўрмаяпти. Авомни оғзига қарата оладиган бир шайх бўлганда эди. Худо шу муллаваччани раво кўрибди, шунисига ҳам шукр...
— Мулла болангиздан иш чиқармикин?
— Чиқади. Бизнинг истагимиз билан у катта обрў эгаси бўлади. Сўнг ана шу обрў билан бизга хизмат қилади.
— Осон эш берадиганга ўхшамайди.
— Ўхшамаса ўхшатамиз. Ҳозирча ҳамма ишимиз хамирдан қил суғургандек боряпти. Бурнидан ип ўтказиб олдик, қаерга судрасак боради. Яқин кунларда оёғига ҳам кишан урамиз... Эрта-индин Зайниддин қори келади бу ерга. Унинг ташрифи ҳам бежиз эмасдир.
— Истасангиз, қори бу ерга етиб келолмаслиги ҳам мумкин.
— Эсингни ема. Қори бизга душман эмас. Фақат йўли бошқачароқ. У душман бўлган тақдирда ҳам тирик қолиши керак. Халқнинг пешонасига бунақа одамлар ҳар куни битавермайди. Сенга қўйиб берса... Бор, жўна.

Аҳмад дев чиқиб кетди. Норхўжа ўринга ёнбошлади. Унинг нияти фақат ўзигаю Худога маълум. Бу қишдан эсон-омон чиқиб олса, ошиғи олчи. Холиқберди тўра ўзига хоинликни раво кўриб, шўролар томонига ўтса ўтар. Бу ҳали бутун ислом лашкарлари бўйин эгди, деган гап эмас. Куч етмаса, ҳийла ишлатади. Лайлатулқадр куни Сабоҳиддин туш кўрганини қишлоқма-қишлоқ юриб айтади. Норхўжани маҳди деб эълон қила бошлайди. Холиқберди тўрадан айрилгач Зайниддин қори шубҳасиз, унинг паноҳига киради. Ана шунда унинг йўлига ҳеч ким ғов бўлолмайди. Бухоро амири қўшин тортмаган тақдирда ҳам Фарғонани ўзлари эплай олишади.

Норхўжа шу хаёллар оғушида ўтирганда ўтов оғзида Султонмуроднинг қораси кўринди. У енгил томоқ қириб ичкари кирди-да, қироат билан салом бериб пойгакка тиз чўкди.
— Ҳа, тақсир, пайтавангизга қурт тушганга ўхшайди? — деди Норхўжа, жойидан жилмай.
— Зайниддин қори келармишларми?
— Ис олдингизми дарров. Келса келар, сизга нима?
— У келса бекларингизни йўлдан урармикин, дейман-да.
— У ҳолда йўлига пешвоз чиқинг-да, изига қайтариб юборинг.

Бу гапни эшитиб Султонмурод ўрнида бир қимирлаб олди.
— Эшоним, ҳазил қилманг. Шу хусусда бир фикр билан кириб эдим ҳузурингизга. Малол келаётган бўлсам, чиқа қолай.
— Айтинг, фикрингизни.
— Қори келса келсин. Иззат билан кутиб олайлик. Кейин... уйлантириб қўйиб, изига қайтарсак-чи?
— «Уйлантириб» дейсизми? — Норхўжа бу таклиф панасида қандай ният бор экан, деб бир оз ўйланди. «Зайниддин қори келса мен бекларимни йўлдан уринг, деб қўйиб қўяр эканманми. Қори келса ёнимдан бир қадам ҳам силжимайди. Бу туллакнинг хавотири бўлак. Қори билими, эътибори билан ундан баланд. Бир даврада чўқишиб қолса расвои жаҳон бўлиши тайин. У шундан хавотирда». — Уйлантириб қўямизми? — деб қайта сўради Норхўжа. — Кимга?
— Яллачилар билан келган паризодга.

«Мақсади энди аён. Қорини хўрламоқчи»
— Паризодга дейсизми? — Норхўжа шундай деб қаддини кўтарди. — Мен уни сизга раво кўриб эдим?
— Менга? — Султонмуроднинг капалаги учиб кетди. — Ҳазиллашманг, эшоним. Менинг уйланиш ниятим йўқ. Мен тақводор одамман, жонимни Оллоҳ йўлига тикканман. Охиратни сўраб юрган мендай одамга бу дунё лаззати керак эмас.
— Шундайми? У ҳолда... — Норхўжа Султонмуродга синовчан тикилди. — У ҳолда қорини паризодингизга эмас, ўзингиз бошлаб келган қушчага уйлантирамиз.

Султонмурод қўрбошининг нигоҳига дош беролмай бошини эгди. Норхўжа ундан садо чиқишини кутди.

Султонмурод бу сафар янглиш кирганини фаҳмлади. Қўрбоши қорини ёқтирмайди, айтганим бўлади, деб адашганини билди. Норхўжа Зайниддин қорини ёқтирмаса ҳам унинг хизматларига ҳали умиди бор эди. Султонмурод худди шуни ҳисобга олмай янглишди. Энди бўлар иш бўлди. Қўрбоши жавоб кутяпти.
— У қизалоқ... қайдам, — деб чайналди, — акаси шу ерда... кўнармикин?
— Кўндирасиз. Сиз тонгда мулла йигитни чақириб, бир туш кўрганингизни айтасиз.
— Қандай туш?
— Ўзингизни гўлликка солманг. Сиз тушингизда унинг дадасини кўргансиз. Дадаси: «Қизимни қорига атадим», деган. Мен ҳам худди шундай туш кўрганман. Уқдингизми? Боринг, нонуштадан сўнг ўзим чақираман.

Султонмурод бу сафар ҳурмат юзасидан эмас, елкасига бехос тушган ғамдан букилиб ташқарига чиқди.

«Калласига яхши фикр келибди, — деб ўйлади Норхўжа, — Зайниддин қори ҳам ўзимники бўлиб қолади шекилли?»

Сабоҳиддин «қўрбошининг амрига кўра акамни тонгда қўйиб юборсалар керак, бир оғиз бўлса ҳам гаплашиб олай», деган ниятда йўлга чиқиб турган эди. Кун ёйилса ҳамки, қароргоҳ томондан ҳеч ким келмади. Норхўжа фикридан қайтдимикин, деб хавотирланди. Қуёш кўтарилган сайин ташвиши орта бошлади. Энди қароргоҳга қайтишни ният қилиб турганида қарши томондан отлиқ кўринди. Сабоҳиддин тарвақайлаб ўсган арчанинг панасига ўтиб, уни кутди. Отлиқ яқинлашгач, уни таниди-ю, қучоқ очиб қаршилади.
— Қори домла, ўзингизмисиз? Кўзларимга ишонмаяпман, — деди шодлигини яширолмай.
— Худди ўзимман. Нима, пистирмада ёлғиз турибсанми? — деди Зайниддин қори отдан тушар экан. — Қани, хуржунни ол, баҳонада нафасимни ростлай.

Сабоҳиддин хуржунни олиб, арча соясига жой қилди.
— Мешда қимиз бор, оч, — деди қори ёнбошлаб,— сен акангни кутаётганга ўхшайсан-а?

Сабоҳиддин «Қаердан биласиз?» дегандек ялт этиб унга қаради.
— Жамолиддинни йўлда кўрдим. Бомдодни ўқиётувдим. Қарасам, қўрбошининг иккита йигити олдига солиб келяпти. Нима гаплигини билолмадим.
— Акамга туҳмат қилишди. Кимдир сигир ўғирлаб сўйибди-ю, терисини оғилхонамизга ташлабди.

Зайниддин қори кулди.
— Сигирни ким ўғирлаганини билмадингми?

Сабоҳиддин елка қисди.
— Нима учун сендан эмас, акангдан шубҳаланишди, ўйлаб кўрмадингми? Шунақа ҳам содда бўладими киши? Ахир бу Норхўжанинг ўйини-ку? Жамолни ушлаб келгандан кейин сен келгансан. «Акамни қўйиб юборинг», деб Худонинг зорини қилгансан. У «марҳаматини аямай» илтимосингни инобатга олган, шундайми? Шу яхшилиги учун сен энди ундан қарздорсан. Қани, бирон ишдан бўйин товлаб кўр-чи, энди?
— Синглим ҳам ўша ерда...
— Буни эшитдим. Ҳар ҳолда Норхўжа Холиқберди тўра ҳузурида бўлганингни билиб, найрангларини ишга солган. У бизнинг нима учун келганимизни англаб турибди. Сени қармоққа илинтирибди. Мени бир бало қилиб Ўшга қайтариб юборишга уринади.

Зайниддин қори шундай деб, қимиздан симирди. Сабоҳиддиннинг ичгиси келмади.
— Сиз кетиб қолсангиз, мен бир ўзим...
— Сен ҳадиксирама. Унинг хизматларини бажариб юравер. Арқонни узун ташла.
— Тўрамнинг топшириғи-чи?
— Тўра айтаверади. Қуруқ гап билан одамни инсофга келтириб бўлар эканми? Тўра нотўғри иш қиляпти. Шўролар билан сан-манга бормай, аввал Норхўжага ўхшаган кичик балиқларни ютиш керак. Ана кейин катта балиқ билан бетлашсин. Шўролар енгилган тақдирда Нор ҳам, Кўр ҳам тек турмайди. Буни Холиқберди билади. Била туриб «жигарларимга тиғ тортмайман, инсофга келтираман», дейди. Амиралмуслиминнинг онасигаки тиғ урдиларми, бу палаги носоғлардан яхшилик кутиб бўлмайди.
— Тўрамнинг оналарини... Шулар фатво берганларми?
— Билмасмидинг?
— Йўқ. Ўйлаб ҳам кўрмабман.
— Шу ишинг чакки. Энди сен муллавачча эмассан. Муҳораба ўтидаги одамсан. Чаноққалъада ақлинг кирмадими: лалайсанг, пешонангдан ўқ ейсан. Холиқберди шўролар билан ярашсамми, ярашмасамми, деб каловланиб турибди. Ярашиш ниятидан қайтсин, деб шу нопок ишга қўл уришди. Уларнинг режасича, онасининг шўролар қўлидан қазосини топганини билгач, тўра ғазабга миниши керак эди. Тўра ғазабга минишга минди-ю, сир бой бермади. Энди нима қилмоқчи экани Худога аён бўлмаса, бандага маълум эмас.
— Тўрам фатво берганларни биламан, дегандилар.
— Билмай-чи! Ахир у кўр ҳам, кар ҳам эмас. Кўриб, эшитиб турибди.

Қори ҳордиқ чиқаргач, ўрнидан турди. Сабоҳиддиннинг елкасига тиралиб отга минди. Сабоҳиддин отининг жиловини олиб олдинда юрди. У аросатда қолган, ҳозир Салимхўжага ўхшаш доно ҳамсуҳбатнинг маслаҳатига зор эди. Қори ҳам доно киши, аммо унинг йўли бошқа, Сабоҳиддинники бошқа. Қори манфаатдан келиб чиқиб, насиҳат қилади, эҳтиёткорликни ҳуш кўради. Сабоҳиддинга эса тўғри йўл учун жонини ҳам аямайдиган одамнинг насиҳати керак. Сабоҳиддин шундай хаёллар билан кетаётганида Қори яна сўз бошлади:
— Нопок одамлар ҳам жисмонан, ҳам иродаси кучли кишини тез пайқайди. Кейин атрофига тўпланиб, уни алдаб, бошқаларни эса гангитади. Халқ ҳам оми-да, қўйга ўхшаб ўша кучли одамнинг атрофига тўпланаверади. Нопоклар эса бундан фойдаланиб, подани ўзига керакли йўлга буради. Норхўжанинг атрофини ҳам шунақа нопоклар ўраб олган. Унинг ишонганларидан бири ўзингнинг домланг. Чала мулла домлангга қарагину қўрбошига баҳо беравер.

Сабоҳиддин бош ирғаб, қори домласининг гапини тасдиқлади. Қори эса гапини давом эттирди:
— Бу қўрбошилар ёз чилласида тентираб юрган лахтак-лахтак қора булутларга ўхшайди. Қуёш юзини тўсгани билан бир парчагина ерга соя ташлашини билмайди. Назарида ҳаммаёқни остин-устун қилиб юборганга ўхшайди. Этаги йиртиқлигидан, шу йиртиқдан нур оқиб кираётганидан хабарлари йўқ. Лахтак булутлар бирлашса, кучли момақалдироқ бўлса, жала қуйса, сел келса унинг йўлини тўсиш қийин. Лахтак булут ташлаган уч-тўрт томчини ер бирпасда ютади. Қўрбошилар буни фаҳмламай кучаниб ётишибди. Туркий байроқ атрофида бирлашмас экан, бу булутларни енгил шабада ҳам ҳайдаб кетади.

Сабоҳиддин бош ирғаб, бу гапларни тасдиқлаган бўлиб, индамай борарди. «Бу одамлар тобеликни бунча ёқтиришмаса, — деб ўйларди у — бири ўрисга қайишайлик, дейди. Бири туркларга, яна бири инглисларга. Наҳотки ўзгаларга кўз тикмай, мустақил ҳаракат қила олмасак? Қори домламнинг қулоқларига турклар азон айтишганми, икки гапнинг бирида уларни алқайдилар. Бухорога боражагимни билиб ҳам «Истамбулда таҳсил олса дурустмикин?» деб эдилар. Отам камхарж бўлмаганларида бу кишининг сўзларига кириб Истамбулга жўнатардилар. У ҳолда мен ҳам туркий байроққа сажда қиладиганлардан бўлармидим? Аҳли миллатнинг аксари турк давлатига нажот кўзларини тикяпти. Улар «биз бир халқмиз», дейишади. Лекин қонлари қонимизга қўшилармикин? Уларнинг ўзлари ҳозир жар ёқасида туришибди. Бизга ёрдам беришга қурбилари етмайди-ку?» Сабоҳиддин шу тарзда қорига фикран қаршилик билдирар, аммо бу гапларни тилига чиқармоққа ботина олмасди. Яна пича йўл юришгач, Зайниддин қори афсус оҳангида гап бошлади:
— Холиқберди амиралмуслимин, деб ҳисоблангани билан дўпписи анча тор. «Ислом лашкари, амиралмуслимин...» номи улуғу аммо қувват йўқ. Орада иттифоқлик йўқ. Сен Чаноққалъада инглисларни, фарангиларни кўрдинг, уларнинг ҳарб илмида илғор эканликларига гувоҳ бўлдинг. Шўроларнинг аскари ҳам олмон билан урушиб обдон пишган. Уларнинг «казак» деганлари бор-ки, Худонинг бир балосидир. Шўроларнинг аслаҳалари ҳам бекаму кўст. Холиқбердининг йигитларичи? Милтиқ отишни энди-энди ўрганишяпти. Ҳозир унча-бунча одамга сўз бермайман, дегувчи Шермуҳаммад ҳам милтиқ отишни Холиқбердидан ўрганган. Ўрганиш чоғида милтиқ пилтасидан учқун сачраб, бир кўзни кўр қилиб олиб «Кўршермат» деган номни олволди. Шулар жаҳон муҳорабасини кўрган аскарларга бас кела олишармиди? Туркларнинг жанг кўрган зобитлари келишса эди, ишлар бўлакча бўларди.
— Уларнинг катта зобитлари орасида ҳам ноиттифоқлик мавжуд, — деди Сабоҳиддин.
— Ҳа, — Зайниддин қори хўрсинди, — биламан. Ҳамма бало шу ноиттифокликда, ҳамма шараф эса миллат бирлигида! Шарафга элтувчи бирлик йўқ.
— Бирликнинг бўлиш ёки бўлмаслиги бандалардаги иймон қувватига боғлиқ. Иймон заиф ерда иттифоқлик ҳам, жиҳод ҳам йўқ. Эркак кишига гажак тақиб, базм қилиш жиҳод эмас.
— Ҳа, балли, буни фаҳмлаб етибсан, — деди Зайниддин қори кулимсираб. — Ҳар қандай жанг ҳам жиҳод бўлавермайди, урушга кирган ҳамма ҳам шаҳидлик мартабасига етавермайди. Қани, ўрни келиб қолди, — Зайниддин қори Сабоҳиддинга синов назари билана қаради: — Абу Мусо розиёллоху анхудан бу хусусда ривоят қилинган ҳадиси шарифни эсла-чи, шояд масъала ойдинлашса.

Сабоҳиддин бу шарафли ҳадисни билса ҳам, одоб сақлаб, қўлини кўксига қўйди-да, «ўзингиз марҳамат қила қолинг», деган маънода енгил таъзим этди. Йигитнинг бу одоби қорига маъқул келиб, кўзлари кулди.
— Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломдан сўрадиларким, «Шижоат билан урушга кирган Одам Оллоҳнинг йўлида урушган бўладими, тарафкашлик учунми ёки риё учунми?» У зоти бобаракот жавоб қилдиларким, «Ким Оллоҳнинг сўзи олий бўлиши учун урушга кирса, Оллоҳнинг йўлида урушган бўлади». Шунга кўра айтишимиз мумкинким, бу кўраётганимизни тарафкашлик уруши демоқлик дурустдир. Ҳаттоки риё ҳам бор бунда. «Ўлсам шаҳид кетаман», деб юрганлар адашаётганларини билмайдилар. Ўлишдан осон иш йўқ, аммо шаҳидлик мартабасига етмоқлик жуда-жуда мушкул вазифа. Сиз билан биз буни биламиз, бироқ, бошқаларга айта олмаймиз. Уларнинг шаштини қайтармоқлик ҳам гуноҳ-да.
— Қори домла, инглислардан нари бўлмоқликнинг имкони йўқми?
— Борликка бор. Аммо қурол-аслаҳалар кимдан олинади?
— Улардан қўрққулик.

Чаноққалъадаги уруш авж палласига кўтарилган кунлари бир сайхонлик ярадорларни даволаш майдонига айлантирилган, унда мусулмонлар билан бирга асир тушган инглис, фаранги ярадорлари ҳам анчагина эди. Ҳарбий кемадан тушиб ёпирилган инглислар мусулмонларга қўшиб ўзларининг ярадорларини ҳам қириб ташлашган эди. Ҳозир Сабоҳиддин ўша воқеани эслаб, устозига сўзлаб берди. Зайниддин қори бу аянчли ҳикояни эшитди-ю, жавоб қайтармай афсус билан бош чайқаб қўя қолди.

Битта довон ошиб ўтиб, Норхўжанинг қароргоҳига кириб келишди. Қўрбоши қорини қучоқ очиб кутиб олди. Соғинган одамини кўриб қувонгандай анчагача бағрига босиб турди. Норхўжанинг орқасидан келганлар ҳам қуюқ салом-алик қилишди. Султонмурод эса қўрбошига ўхшаб қучоқлашиб омонлашди. Чинор соясига дастурхон тузалиб, давра қуришди. Ишоқ буқоқ билан Асқар чўтир хизматга чорланди. Зайниддин қори Сабоҳиддин билан кўз уриштириб олди-ю, уларнинг чиқишига монелик қилмади.

Базм қизиган маҳалда Норхўжа Зайниддин қорини ўтовига бошлади.
— Базм ёшларга ярашади. Биз дунёнинг ишларидан гаплашайлик, — деди у қори ўтирган ерга лўлаболишини суриб. — Ўзингизча бир келай ҳам демайсиз. Ҳар ҳолда битта сойнинг сувини ичардик. Яхши ҳамки, тўрам мурувват қилиб, сизни биз томонга юборибдилар... Ё, ўзингизча келдингизми?
— Йўқ, тўрам юбордилар. — Зайниддин қори кулиб қўйди. — Сиз огоҳ бўлмаган сир борми ўзи бу дунёда?
— Бор! — Норхўжа шундай деб ёстиқни нари сурди-да, чўк тушди. — Тўрамнинг ҳаракатларига ақлим етмаяпти. Шўроларга қўшиладиганга ўхшайдиларми?
— Бу бир миш-миш...
— Йўқ, шамол бўлмаса, дарахтнинг учи қимирламайди. Эшитишимча, Жамол ўрис серқатнов бўлиб қолибди?
— Ҳа, тез-тез келиб турарди. Лекин қўшилиш ҳақида гап бўлганини эшитганимча йўқ. Бу хусусда Жамол ўриснинг ўзидан сўрамадингизми?
— Жамол ўрисдан биладиганимни билиб олдим. Омма тўрам қўшилгудай бўлса омон қолмайди. Шуни етказиб қўйинг.
— Менинг гап ташиш ҳунарим йўқ.
— Қўйинг бу гапларни, қори! Нима учун бу ерга ивирсиб келиб қолганингизни биламан. Сизга дангал бир гапни айтайми: уйингизда тек ўтиринг. Бу ғалваларга аралашманг. Сиз уруш тугагандан кейин керак бўласиз. Шунинг учун... мен сизни уйлантириб, Ўшга қайтариб юбораман.
— Уйлантириб?
— Ҳа. Хотинингизни эгам чақирганига салкам икки йил бўляптими?
— Бўйдоқларга раҳм қиламан, десангиз, ўзингизда камми?
— Ким?
— Султонмурод-чи?
— Э, қўйинг уни қори, сийдигининг кўпиги йўқ одамга қиз хайф!
— Менга қайси қизни раво кўряпсиз?
— Бегона эмас. Новқатлик Жалол ошнангизнинг қизини.
— Эшон, эсингизни едингизми?
— Йўқ, десангиз... уни бекларимга топшираман.

Бу гапни эшитиб, Зайниддин қори ўрнидан туриб кетаёзди.
— Йўқ, йўқ, асти ундай қила кўрманг, гуноҳга ботманг, — деди шошилиб.
— Демак, келишдик-а?
— Мен ўйлаб кўрай.
— Ўйлайдиган замон эмас. Эртага тўй.

Норхўжа гап тамом, дегандай ўрнидан туриб кетди. Зайниддин қори ҳолсизланиб қаддини кўтарди-да, хайрлашиб, ташқарига чиқди.

Сабоҳиддин синглисини имом паноҳига олганини эшитганда, «Бир бало бор», деб қўйган эди. Бу тонг унинг кўрган тушини эшитиб, ўйи тўғри эканига ишонч ҳосил қилди. Аммо орага қорининг аралашганига лол қолди. Нонуштадан сўнг уларни қўрбоши чақиртирди. Норхўжа гапни узоқдан бошлаб, энди муддаога кўчай деб турганда ташқаридан сўкинган овозлар эшитилди. Аҳмад дев кириб таъзим қилди:
— Бегим, от ўғрисини тутиб келтирдик.
— Қани?

Калтакдан юзлари моматалоқ бўлиб кетган бир кишини олиб кирдилар.
— Қаерда тутдиларинг?
— Ўзимизнинг ичимизда экан, бегим. Отларни ўғирлаб, Ғани қирғизга бўятиб яна қайта ўзимизга олиб келиб мукофот олар экан.
— Лақиллатаркан-да? Ғанини топиб келтир.
— У ҳам шу ерда. — Аҳмад дев чиқиб, кекса бир кишини бошлаб кирди.
— Отларни киши билмас қилиб бўяб берармидинг?— деб сўради Норхўжа.
— Шундай, — деди у.
— Қани ўзини ҳам бир бизга бўяб бер-чи?
— Бўямайман, эшоним, бу одам, жонивор эмас.
— Бўлмаса ўзингни бўяймиз.
— Худодан қўрқаман, эшоним, азобига чидамай ўлиб қолади.
— Ўлса, гуноҳи бизга, бўя!
— Йўқ, бўёлмайман.
— Дев! Сўраб кўр-чи, уларнинг орасида бўяшни биладигани бормикин? Топилса икковини ҳам бўят. Тирик қолса ҳайдаб юбор.
— Топилмаса-чи?
— Унда терисини шил. Ғанининг қўлларини чопиб ташла.

Айбдорлар олиб чиқиб кетилгач, Норхўжа гапини келган жойидан давом эттирди. «Бир ғалати туш кўрганини» айта бошлагач, Сабоҳиддин муддаони англади. Шундай бўлса-да, қўрбошининг сўзини бўлмай, охирига қадар тинглади.
— Замон оғир, қиз бола нозик чинни бўлади. Дарз кетиши ҳеч гап эмас. Мана шуларни мулоҳаза қила туриб синглингизни қорига никоҳлаб қўйсаммикин, деган хаёлга келдим. Эртаматан қори билан маслаҳат қилдим. У киши рози, қори отангиз билан қиёматли ошна эди. Кеча узрингизни қабул қилиб, акангизни қўйиб юбордим. Бугун сиз сўзимизни ерда қолдирмассиз? — Норхўжа гапини тамом қилди. Сабоҳиддиндан жавоб кутиб, унга тикилди. — Пича ўйланг. Сизни шошираётганим йўқ.
— Ўйлаганим билан ўйим ниҳоясига етмайди, тақсир. Авваламбор, хоҳишингизни синглимга етказишим керак. Сўнг онам билан акам бу гаплардан бехабарлар. Дадам раҳматлидан сўнг, бу никоҳга розиликни фақат акам бера оладилар. Устига-устак биз азадормиз...
— Гап бундай, мулла Сабоҳиддин: синглингиз ҳали ғўр. Нима яхши, нима ёмон фаҳмига бормайди. Ундан ризолик олиш ортиқча. Онангиз учун эса бари бир. Она фарзанди қаерда тиниб-тинчиб кетса, шунга шукр қилади. Акангиз имонини сотиб, оқпадар бўлган. Энди оила бошлиғи ҳуқуқидан маҳрум. Қизнинг буткул ихтиёри сизнинг қўлингизда.
— Агар қиз норизо бўлса, никоҳнинг кучи қирқилади.
— Мулла! — Норхўжанинг овози бирданига таҳдидли тус олди. — Фаросатингиз ҳақида кўп яхши гаплар эшитганман. Бу гапларни тасдиқ қиларсиз, деган умиддаман. Боринг, никоҳга тайёрланинг. Кечқурун тўй.
— Бир озгина фурсат беринг, тақсир.
— Фурсат — ғанимат. Эртанги никоҳ бугун ўқилса, осмон узилиб ерга тушмайди. Манавини олиб қўйинг, уйингизга қайтганда онангизга берасиз, — Норхўжа шундай деб тилла тангалар солинган халтачани узатди.

Таъзим билан чиқдилар. Сабоҳиддин Султонмурод юзига қарамади. Назарида ҳамма иш шу одамнинг режаси билан бўлган эди. Сабоҳиддиннинг бутун вужуди нафратга тўлган эди. «Устози»га гапиришни ҳам истамади. Зайниддин қори қўнган ўтовга қараб юрди. Қори уни нохуш кутиб олди:
— Ҳамма гапдан хабар топган кўринасан? — деди остонада серрайиб қолган Сабоҳиддинга — Қани, ичкари кир. Остонада гаплашишнинг хосияти йўқ.

Қори шундай деб уни ичкари чорлади-да, кеча бўлган гапни сўзма-сўз айтди.
— Кеча: «Норхўжа мени бир баҳона билан изимга қайтаради», дегандим. Гапим тўғри чиқди. Лекин бу қадар тез ҳаракат қилар, деб ўйламаган эдим. Ризолик беришдан бўлак иложимиз йўқ. Кўп қайғурма. Сен ўғлим, Машҳура эса қизим. Уни она сутидай покиза ҳолича уйингга олиб бориб топшираман. Ўша ердаёқ талоқ хатини қўлига бериб, тенги чиқса тўйига бош бўламан. Кўнглингни хотиржам қил. Хўп десанг, Машҳура билан бувингни Ўшга олиб кетаман. Сен ҳозир чиқиб, бор гапни Машҳурага тушунтир. Унинг ҳам кўнгли чўкмасин.

Сабоҳиддин маъқул ишорасини қилиб, ўрнидан турди. Қорининг гапидан кейин бағридаги ғубор пича тарқаган бўлса-да, дарди енгиллашмади. Тўй ҳақидаги гапни синглисига қай ҳолда етказишни билмай гаранг эди.

У Машҳурага ажратилган ўтовга кириб ўтирди, ёнбошлади. Яна ўтирди. Машҳура акасидаги ўзгаришни сезди.
— Ака, сизга нима бўлди? — деди у ҳадик билан.
— Ҳеч нарса. — Сабоҳиддин шундай деб кўзини олиб қочди.
— Бесаранжомга ўхшайсиз?
— Сизга шундай туюлгандир.
— Ака, бу ерда яна қанча турамиз? Сиз мени олиб кетгани келмабмидингиз?

Сабоҳиддин жавоб бермади. Нима десин? Айни дамларда ўз эркига эга эмаслигини синглисига қандай тушунтирсин? Машҳура ундан жавоб кутяпти. Ёлғон гапиришга мажбур энди...
— Машҳурахон, бувим сизга дадамнинг истаклари ҳақида ҳеч сўз очган эдиларми?
— Қандай истак?.. Йў-ўқ...
— Дадам сизни куёвга узатишга... ҳозирлик кўриб, сўз ҳам бериб қўйган эканлар.
— А?
— Мен ҳам кейин билдим. Сизнинг бу ерга келиб қолишингиз дадам раҳматлининг ўша сўзлари билан боғлиқ экан. Раҳматли дадам қори домламизга хўп, деб қўйган эканлар.
— Сизга ким айтди буни? Дадам васият ҳам қилолмай кетдилар-ку?
— Бувим айтдилар.
— Ёлғон! Мени алдаяпсиз! — Машҳура шундай деб йиғлаб юборди.
— Ота сўзи — амри вожиб. Дадам раҳматли гўрларида тинч ётсинлар, десак...
— Жон акажон, ундай деманг! Алдаяпман, денг, акажон, алдаяпман, денг...
— Бу Оллоҳнинг инояти, тақдирга тан бериш керак. Пешонага шундай ёзилгач, кимга додимизни айтамиз. Осмон йироқ...
— Наҳот пешонам шунчалик шўр бўлса?! Уйимизга ғамдан бўлак нарса кирмас экан-да?!
— Тавба, денг, ношукур бўлманг? Дадам раҳматли сизга яхшиликни раво кўрганлар. Одамлар қизини икки-уч хотин устига беряпти. Қори домламиз, Худога шукр қилинг, сўққабошлар. Кундошлар заҳридан озор чекмайсиз.
— Уйга кетайлик. Бу гапларни бувимнинг ўзларидан эшитай. Сиз алдаяпсиз!
— Уйга Худо хоҳласа, тўйдан сўнг борамиз.
— А? Нимага?
— Тўйни шу ерда қиламиз.
— Мен қочиб кетаман!
— Тўй шу оқшом бўлади...

Сабоҳиддин ёлғон-яшиқ сўзлар билан синглисини овутмоқчи бўлар, аммо шу топда қизга қўшилиб ўзининг ҳам йиғлагиси келарди.

Ташқарида аёл кишининг қисқа-қисқа йўталгани эшитилди. Кейин қулоққа таниш овоз келди.
— Муллака, сизни йўқлашяпти. Биз келин- пошшанинг пардоз-андозини бошлашимиз керак экан.

Сабоҳиддин Сожиданинг овозини таниб, ғижинди. Ноилож турди. Машҳура уввос солиб акасининг бўйнига осилди. Ялиниб-ёлборди. Сабоҳиддин қулт этиб ютиниб, синглисининг қўлларини елкасидан олди-да, шашт билан бурилиб чиқиб кетди.

«Тўй»нинг қандай ўтганини Сабоҳиддин билмади. Оғзига бир қултум сув ҳам олмади. Қулоғига ёр-ёр ҳам эшитилмади. Нест бўлиб юрди, ўтирди. Биров билан гаплашиш учун сўз тополмади. Сўз бор эди. Бироқ уни эшитадиган дардкаш, ҳасраткаш дўст йўқ эди. Унинг барча азобларига энди ёлғизлик дарди ҳам қўшилганди.

Сабоҳиддин ухлаган-ухламаганини ҳам билмайди. Бир пайт худди синглиси қичқиргандай бўлди. У кўзини очди. Жимлик. Йўқ, ана, Машҳура яна қичқирди. Сабоҳиддин беихтиёр ўтов томонга югурди. Ўтов атрофида икки-уч киши уймаланиб юрар, Сожида эса кираверишда ўтирган Машҳурани овутмоқчи бўлиб турарди.
— Нима гап?

Машҳура акасининг овозини эшитиб, ёзилган сочларини бир қўли билан ғижимлаганича, иккинчи қўли билан ичкарини кўрсатди.
— Ана, ана... — Унинг тили гапга келмай қолган эди. Сабоҳиддин ҳеч нимага тушунмади.
— Сиз айтсангиз-чи, нима бўлди? — деди Сожидага қараб бақириб.
— Билмадим, муллака, билмадим. Куёв почча омонатларини... — деди Сожида титраб.

Сабоҳиддин отилиб ичкари кирди. Гўшанга узилиб тушган, ўринда Зайниддин қори қимирламай ётар, жағи тушган, кўзлари олайган эди. Сабоҳиддин гўшанганинг бир четини йиртиб унинг жағини танғиб боғлади. Сўнг унинг очиқ қолган кўзларини юмиб қўйди-да, ташқарига чиқди.

Созланиш

Самовархонада Дилмуроднинг овози эшитилиб, Рҳақ нонини еб бўлаётган Девонадан кўзини олди. Девона чойини хўриллатиб ичгач, унга қараб тиржайиб қўйди-да, пастга тушиб кетди. Дилмурод унинг изидан бир оз қараб турди. Сўнг Рҳақ-Мирзавойнинг ёнига ўтирди.

Шу пайт шалағи чиқаёзган юк машинаси йўлни чангитиб келиб, гузарнинг ўртасида тўхтади. Пешонасини рўмолча билан танғиган ҳайдовчи пастга тушиб, олд ғилдиракни тепиб кўрди-да, «Ҳорманг, Асқарали тоға» деб бақирди турган ерида.
— Аравангни томга чиқариб қўймадинг-да, — деди Асқарали унга қараб. — Сал четроққа олсанг бўлмайдими?
— Ғам еманг, тоға. Мошина қишлоқда битта бўлгандан кейин кўзга кўриниб туровурсин. Мошина юзта бўлсайкан, йўлни тўсиб қўйдинг, деб ташвиш чексангиз, — у шундай деб Асқарали билан кўришди. — Қани, олинг энди, бир хуморбосди қилайлик.

Асқарали белбоғини қайириб носқовоғини олди-да, унга узатди.
— Нима бало, тупроққа ағанаганмисан, кўзларинг ҳам кўринмай қолибди?
— Э, раис тиндирмайди. Мошина бўлмаса нима қилардийкин, гарангман. Омма тозза тентагимни чиқазяпти, — у шундай деб носқовоқни кафтига уриб-уриб қўйди-да, пўкагини очиб ичига қараб турди.
— Баққа бер, — Асқарали ундан носқовоқни тортиб олди-да, кафтига бир чеким нос тушириб, тилининг тагига ташлади. — Ма, пўкак, мунча қўрқасан?

Зокирхўжа индамай носдан отди-да, нариги сўрига бориб ўтирди.
— Шатта ўтировурмай кетганини қаранг, ке баққа.
— Шошиб турибман, тоға. Бир пиёла чой ичсам, бас.
— Мирзавой иним, чойдан борми? Аввал чойнакнинг ичини қаранг, илон-пилони йўқмикин?

Бу гапга ёндаги сўрида ўтирганлар кулди. Зокирхўжа тескари қараб олди.
— Илон деса, етти чақиримдан қочади. Унга сари улфатлари ҳам қўйиша қолмайди. Туновинда носқовоқ ичига илонди боласини солиб беришибди. Шундан бери носқовоқдан чўчийди, — деб изоҳ берди Асқарали.
— Чиндан қўрқсалар, бундай қўпол ҳазил қилиш керакмас, — деди Дилмурод.
— Гап уқтириб бўладими? — деди Зокирхўжа ўтирган жойидан. — Буларга майна қилиш бўлса, бас. Э, ўргилдим...
— Бўлди, аччиғинг чиқмасин. Ўзинг жизиллайвермасанг, ҳеч ким сенга тегишмайди. Ичингга илон ташлаб юборганда ҳам индамай тур-чи, яна шундай ҳазил қилармикин?
— Асқарали тоға, бас энди, шу чойни ичайми-йўқми?!
— Бўпти, тавба қилдим, ичовур. — Асқарали шундай деб Дилмуроднинг ёнига ўтирди. — Сўз хўп ғалати нарса-да. Бир сўз билан бош осмонга ҳам етади, жон бўғизга ҳам келиб қолади.
— Сўз буюмларнинг ўлик сояси бўларкан. У ханжарга айланиб юракка санчилиши, ҳаёт суви бўлиб жон ато қилиши ҳам мумкин экан. Қайси бир шоир шундай деган, кимлиги эсимда йўқ, — деди Дилмурод унинг сўзини маъқуллаб.
— Ким бўларди, ҳазрат Навоий-да! «Ҳайратул-аброр»да айтадилар. Эмишки, сўз тартибсиз сочилиб ётган гавҳар, шоир эса заргар. Гавҳарларни ўрни-ўрнига қўя олса, ажиб ғазал битилади.

Агар Зокирхўжа ўрнидан турмаганда, Асқаралининг сўзи ҳали-бери тугамасди.
— Асқарали тоға, Марказга кетяпман, хизматлар борми?
— Хизмат йўқ, эсон-омон бориб кел.
— Раёнга тушадиганлар бўлса, олиб кетай, — деди Зокирхўжа бошқалар эшитадиган қилиб. Ҳеч кимдан садо чиқмагач, машинаси томон юрди. Кабина эшигини очди-ю, яна қарсиллатиб ёпди. Овозини баралла қўйиб кимнингдир онасини «ўқиб» ташлади. Ўнг томондаги сўрида ўтирганлар кула бошлашди. Зокирхўжа: «Ҳе энангди...» деб қайта-қайта сўкинганича машина атрофида айланар, кабинага яқинлаша олмасди. Бошқалар эса унинг қилиғига қараб қотиб-қотиб кулишарди.
— Оббо даюслар-э, яна илон ташлаб қўйишганга ўхшайди, — деди Асқарали ўзини кулгидан тутолмай.

Дилмурод ўрнидан туриб машина томон юрди. Кабинага яқинлашиб ичкарига қаради: ҳақиқатан ҳам илон чўзилиб ётибди. Дилмурод аста эшикни очди. Самовархонадагилар кулгидан тўхтаб унга тикилишди. Дилмурод эшикни очишга очди-ю, юрагига қўрқув югуриб, нима қилишни билмай қолди. «Илонни бўйнидан маҳкам тутса ҳеч нима қилмайди», деган гапни эслаб, чаққонлик билан илонни ушлади. Илон қимирламади.
— Дўхтир ака, чақиб олмадими? — деди кимдир. Яна кулги кўтарилди. Дилмурод ўлик илонни четга улоқтирди. Зокирхўжа ҳамон сўкинганича моторни ўт олдирди-да, газни босиб машинани елдириб кетди. Асқарали сўридаги йигитларни койиди.

Дилмурод хижолат бўлиб юқорига чиқарини ҳам, чиқмасини ҳам билмай турганда йўғон толга суяниб ўтирган Девонага кўзи тушди. Девона унга ўйчан боқарди. Йўқ, ўйчан эмас, унинг нигоҳида қандайдир бепарволик, лоқайдлик зоҳир эди. Дилмурод шу пайтгача Девонани бу аҳволда кўрмаган эди.

Девона эринибгина ўрнидан турди. Йўл ўртасида чўзилиб ётган ўлик илоннинг думидан ушлаб кўтарди-да, тол танасидаги кавакка ташлади. Кейин ҳеч кимга эътибор бермай мозорбоши томон юрди. Унинг йўл ўртасидаги илон ўлигини четга олиб қўйиши Дилмурод қалбидаги умид чироғини ёқди. Одатда Девона бир ишни бажаргач, мақтов кутибми, тиржайиб қўярди. Бу сафар эса... Демак, унда ўзгариш бошланган!

Дилмуроднинг бағрига шодлик ели уфурди. Аммо бу шабадага учмай: «Ҳали эрта, ҳали эрта», деб ўзини босди. Унинг хаёлини Асқаралининг: «Дилмуроджон, келинг энди, чой совуяпти», деган гапи бўлди.

Асқарали дамлаган чой яримламай туриб, гузарда тўқим урилмаган эшакка мингашиб олган бола кўринди. У пастга тушмай Асқаралини чақириб: «Пропесур дўхтир амакини раис бува йўқлаяптилар. Тезда борар эканлар», деди-да, эшакнинг қорнига товони билан ниқтади.
— Даюснинг боласини қаранг, — деди Асқарали кулиб, — югурдаги ҳам «егардан тушмайди-я!»

Дилмурод пиёлани тўнкариб ўрнидан турди.

Раис идора эшиги олдида кутиб турганди. Дилмурод билан қуюқ сўрашиб ичкари бошлади.
— Тамакидан ҳам қутулиб олдик. Колхознинг хазинаси пича қаппаядиган бўлди. Келаси йили айтганингиздай қилиб, эмизикли аёлларни чиқармаймиз. Энди дўхтир ука, одамлар ҳар хил гап қилиб юришади. Уларга кўпам қулоқ солаверманг. Мен эртаю кеч тиним билмасдан, нима бўлса колхозга бўлсин, дейман. Улар эса...
— Мамарайим ака, очиғини айтсам хафа бўлмайсизми?
— Ие, нимага хафа бўламан. Йигит киши дангал гапи билан хотиндан фарқ қилади-да!
— Дангалини айтсам... Сиз одамларни ранжитиш ҳисобига ишлар экансиз. Шунинг учун сизни ёмон кўришади.
— Ёмон кўришади? Нимага бундай деяпсиз?
— Ўзингиз буни билмайсизми?
— Мени ёмон кўрганларнинг мақсади манави, — раис шундай деб столни уриб қўйди.
— Йўқ, унчалик эмас. Бекорчи хавотирга берилар экансиз.
— Бу хавотир эмас, ҳақиқат. Мен пича бўш қўяй, кейин кўрасиз.
— Сиз бир умр раис бўлиб турмайсиз-ку? Вақти келиб қарийсиз, раисликни бирорта ёшроқ кишига топширишади. Ўшанда... Ўзингиз ранжитган одамлар орасида қандай яшайсиз?

Раис қўл силтади.
— Бир гап бўлар, жуда сиз ўйлагандек эмасмиз... Сизни чақирганимнинг боиси, раёндан топшириқ беришган, ёрдам қилмасангиз бўлмайди, Худога қарши бир маъруза қилиб берасиз. Одамларимиз мактаб муаллимларининг гапини кўп эшитишган. Сиздай олим одамнинг маърузаси таъсирлироқ чиқади. Хўп десангиз, шу оқшом одамларни тўплай.

Раис мажлисга колхознинг кексаю ёшини тўплади. Гузарга одам сиғмай кетди. Чойхонадаги сўриларни пастга олиб тушиб қарияларга жой қилишди. Мактабдаги узун столдан иккитасини келтириб, тепасига қизил мато ёпдилар. Мажлисни раиснинг ўзи очиб, диннинг зарари ҳақида узоқ гапирди. Кейин Дилмуродга сўз берди. Дилмурод сўридаги қарияларга бир қараб олиб, «ҳали уларни ранжитиб қўймасам эди», деб эҳтиётлик билан гап бошлади.

Аввал диннинг келиб чиқиши, ақидалар, урф-одатлар ҳақида шошилмай гапираркан, ора-сира қарияларга кўз қирини ташлаб қўярди. Оқсоқоллар унинг сўзларини диққат билан эшитар, айримлари эса норози қиёфада бош чайқашарди. Дилмурод буни сезар, норозилик сабабини ҳам билар эди.

Ҳар қандай маърузачи суҳбат якунида асосий мавзуни ўзи шуғулланадиган соҳага боғлагани сингари Дилмурод ҳам диннинг зарарли жиҳатларини руҳий касалликларга боғлаган ҳолда тугатмоқчи бўлди. У муддаога энди кўчганда, кимдир қаттиқ овозда: «Мўйлов жинни сизга нима учун керак бўлиб қолди, шуни ҳам айтинг», деб луқма ташлади.

Ғала-ғовур бошланди. Раис ўрнидан туриб овоз келган томонга қаради:
— Тек туринглар. Ичларинг қайнаб кетаётган бўлса, совутиб қўяй.
— Тўғри-да, — деди ёш-яланглар ўртасида турган йигит, — келганларидан бери Мўйлов жинни билан оворалар. Нимагалигини билишга қизиқяпмиз-да. Шунга ҳам дўғ урасизми?
— Қизиқсанг, идорага кел, тушунтириб қўяман.

Дилмурод раисга қараб: «Қўяверинг», деган ишорани қилди.

Раис ўтирди. Одамлар яна тинчишди.
— Қизиқишингиз ўринли. Мана шу мажлисдан фойдаланиб мақсадимни тушунтиришга ҳаракат қиламан. Мен врачман. Вазифам беморларга тиббий ёрдам кўрсатиш. Мўйлов жинни, энг аввало одам шундай эмасми? У ҳам биз каби эсли-ҳушли бўлган. Эрамизга қадар бешинчи асрда яшаган буюк юнон донишманди Гиппократ: «Бир томондан лаззатланиш, шодлик, кулги, ўйинлар, бошқа томондан ғамгинлик, маъюслик, норозилик, ачиниш мияда вужудга келади. Шу туфайли биз тентак бўламиз, алаҳлаймиз, кечаси ёки куппа-кундузи ваҳимага, қўрқувга тушамиз», дейди. Жиннилик—одамзодда учрайдиган касалликларнинг бири. Бу, хасталик — Худонинг қаҳридан эмас, одамнинг ташқи муҳитдан таъсирланиши оқибати. Баъзилар ҳаддан ташқари таъсирчан бўлади. Демак, уларда руҳий касалликка мойиллик ҳам бошқаларга нисбатан кучлироқ. Биз руҳий хасталикларни бир неча турга бўлиб ўрганамиз, даволаймиз. Ҳозир сизларга бу ҳақда гапириб ўтирмайман. Бу махсус суҳбат талаб қилади. Мен саволингизга жавоб бериш учун муддаога кўчай: жиннилик — даволаш мумкин бўлган касалликларга киради. Буни биздан илгари ўтган улуғ аллома табиблар яхши билганлар. Бундан минг йил илгари Бағдод, Шоми Шариф, Дамашқ деган шаҳарларда руҳий касалликларни даволовчи шифохоналар очилган. Лекин жинниларга меҳр эмас, нафрат кўзи билан қаровчилар ҳам кўп бўлган. Илгари Европанинг кўп мамлакатларида руҳий беморларни жодугар, деб ўтга ташлаганлар. Дунёда ҳеч қачон қора кучлар ҳукмрон бўлган эмас. Ёмон ниятларга қарши яхши, ёруғ мақсадни кўзлаган алломалар курашганлар. Пинел деган франтсиялик олим руҳий беморларга нафрат билан қарамай, уларни даволаш шиорини олға сурди. Шу асосда беморлар сақланадиган қамоқхоналар шифохоналарга айлантирилди. Юз йил илгари Коколли деган инглиз олими руҳий беморларни камситмаслик масаласини кўтарди. Бу олимлар, шунчаки, раҳм-шафқатнинг қули сифатида руҳий беморларни ҳимоя қилмадилар. Уларнинг барча хатти-ҳаракатлари илмий асосга эга эди. Биз ўзимизни ана шу инсонсевар олимлар ишининг давомчилари деб биламиз. Шунинг учун ҳам беморларга бефарқ қаролмаймиз.

Дилмурод руҳий беморларни диндорлар томонидан даволашга уриниш яхши натижага олиб келмаслигини гапириб, сўзини тугатди. Одамлар раисдан ҳайиқишдими, ё ҳамма гапга яхши тушунишдими, ёки аксинча бўлдими, ҳар ҳолда савол беришмади. Раис хўжалик ишларига оид масалада яна нутқ сўзлагач, мажлис ёпилди. Дилмурод ТЭТ ни синаб кўраётганини атайин тилга олмади. Аввало уни тушунтириш кўп вақт талаб этарди. Қолаверса, ҳозирча исботлаб бўлмаган тахминларни овоза қилишнинг фойдаси ҳам йўқ эди...

Мажлисга йиғилганлар тарқалишди. Фақат энг олдидаги сўрида ўтирган олти қария ўрнидан жилмади. Рҳақ-Мирзавой уларнинг мақсадини дарров англади. Дилмуродга яқинлашиб паст овозда «жангга ҳозирланинг», деди-да, ўзи чой дамлагани юқорига кўтарилди. Дилмурод унинг гапини тузукроқ фаҳмлашга улгурмай қарияларнинг энг озғини уни чақирди:
— Прапесур ўғлим, биз билан бир пиёла чой ичинг...

Дилмурод қуллуқ қилиб келиб сўрининг бир четига омонат ўтирди.
— Сўзларингизни жон қулоғимиз билан эшитдик, хўп доно йигит экансиз, отангизга балли, — деди озғин қария. Қолганлар бош ирғаб унинг гапини тасдиқлашди. Сўрида бу қарияга нисбатан ёши улуғроқ оқсоқоллар ҳам ўтиришарди. Дилмурод уларнинг сукут сақлашидан бу қариянинг давра аҳли орасида алоҳида мавқега эга эканини сезди. Рҳақ-Мирзавой келтирган чойни соқоли кўксига тушган қария олиб, уч марта қайтарди. Ўзи бир хўпламгина қуйиб ичгач, пиёлага икки хўплам чой қуйиб, озғин қарияга узатди.
— Кўп билимли йигит экансиз, ўғлим, отангизга раҳмат. Аммо баъзан ўйламай гапириб юбориш одатингиз бор экан. Ҳали ноўрин сўзларни ҳам айтиб юбордингиз, нафас ютиб индамадик. Энди, насиҳат биздан лозим, ўғлим. Мусулмон дини динлар ичида энг покизаси. Унга тош отиш ярамайди. Динни назарга илмаслигингиз чакки.
— Отахон, хафа бўлмангу, аммо замонавий фан назарга илмаслик у ёқда турсин, динни зарарли деб ҳисоблайди.
— Нимаси зарарли экан, қани бизга бир тушунтириб беринг-чи?
— Дин билан боғлиқ ҳамма нарсалар зарарли.
— Шундан қай бирлари, аниқроқ айтовринг.
— Масалан, одамларни қилган гуноҳлари учун қўрқитиш, уларни ёлғон умид билан ушлаб туриш, Худо яратган турли ғаройиботлар билан бошларини айлантириш... Бу «ғаройиботлар» борган сайин фан ютуқлари олдида тиз чўкяпти.
— Ўғлим, сўзингиздан маълум бўлдики, диннинг зарарини ўзингиз ҳам дуруст билмайсиз.
— Нимага энди...
— Андак сабр қилинг. Гапларингизни яхшигина уқдим. Аслида сизга дўппим ёқинқирамабди, сиз эса мени бутунича ёмонотлиққа чиқардингиз. Фанимиз тараққий этяпти, дедингиз. Худо ҳоҳласа, бундан ҳам юксакроқ камолга етади. Дин пешволари ҳеч маҳал бунга шак келтирмаганлар. Чунки илм Оллоҳ томонидан яратилган ғаройиботларни бандаларга тушунтириб беради. Мен ҳам оми эмасман. Баъзи нарсалардан хабарим бор. Қадимги алломалар аввал Худонинг номини тилга олиб, кейин иш бошлаганлар. Ҳозиргилар ҳам шундай қилишса, ажаб иш бўларди.
— Бизда бундай тахминга муҳтожлик йўқ.
— Қадимнинг энг буюк алломалари Худога ишонганлар-ку? Илм билан дин келишиб яшаши мумкин.
— Худога ишонувчи айрим олимлар ҳали фан деган гап эмас. Умуман, улар бу соҳада янглишгандирлар, ёки келишишга мажбур бўлгандирлар. Дин ҳамиша фан йўлига тўғаноқ бўлиб келган. Жуда кўп олимларнинг қувғин қилинганини, ўлдирилганини билсангиз керак?
— Жаҳолат ботқоғидаги айрим одамлар — ҳали дин эмас. Сиз илм ва дин оламини бир бутун олиб қарши қўяпсиз, шекилли? Шундай олиб қарасак, мусулмон дини илмни сира инкор қилмайди. Сиз айтган қувғинлар, ўлдиришлар насроний дини тарихида бўлган. Ислом дини ўлимга ҳукм қилган биронта олимни айтинг-чи? Айтолмайсиз. Сизларнинг пирингиз бўлмиш Ар Розий, ибн Синолар ҳам мусулмон эдилар. Уларни шариат «жодугар» деб ҳукм қилганини эшитганмисиз? Ҳа, эшитмагансиз. Қуръони каримнинг биринчи нозил бўлган сураси қайси муборак сўз билан бошланади? Билмасангиз билиб олинг: Алақ сурасининг аввалида, астаъизубиллаҳи: «Иқраъ бисми роббикал лази холақ. Холақал инсана мин алақ. Иқра ва роббукал акрам», содоқоллоҳул азийм, дейилган. Бу дегани «Бутун борлиқни яратган зот бўлмиш Роббингиз номи билан ўқинг. У Инсонни лахта қондан яратди. Ўқинг! Роббингиз карамлидир». Хўш, ўқишга даъват этувчи дин илмга душман, жамиятга зарарли бўлармикин?
— Қуръонда айтилган бўлиши мумкин. Амалга оширилмаган гаплар кимга керак?
— Ўғлим, донолик яхши, омма муқаддас оятларни назарга илмай, қаттиқ гапиришингиз чакки. Дарвоқе, ўзингиз Қуръон билан танишмисиз?

Дилмурод бундай саволни кутмаган эди. Жавоб беришга тараддудланиб қолди.
— Таниш эмассиз, очиғини айтовринг. Шунчаки инкор этиш осон. Лекин моҳиятини билмай туриб рад қилмоқ эса гуноҳ саналади. Сиз аввало дин билан бидъат ва хурофотларни ажратиб олинг. Сиз айтган бекорчи урф-одатлар дин эмас, кераксиз бидъат ва хурофотдир. Мен Марғилонда сиз каби зиёли бир йигитнинг катта йиғилишдаги сўзларини тасодифан эшитиб қолдим. Азамат тозза бир соат гапириб, қуръонни ерга булғади. Сўнг мен унга ҳозирги саволни бердим. «Қуръонни сиздан ҳам яхши биламан», деб жавоб қилди. Шунда мен «Тўқсон олтинчи суранинг олтинчи, еттинчи оятларида нималар дейилган?» деб сўроққа тутдим. Бу ҳозир эшитганингиз Алақ сураси, оятлар эса инсоннинг қорни тўйиб, бадавлат бўлгач, такаббурлашиб туғёнга кетиши ҳақида эди. Йигит лом-мим деёлмади. Охири Қуръонни билмаслигини тан олди. Билмай туриб тош отгани учун шарманда бўлди.
— Отахон, сиз-ку Қуръонни билар экансиз, лекин ҳамма муллаларни ҳам шундай деб бўлмайди-да.
— Суриштираман десангиз, бу сизларда ҳам бор гап, ўғлим. Ҳар ҳолда, дин жамиятнинг бешигини тебратиб келган катта куч. Сизнинг бош кўтарганингизга ҳали ҳеч қанча вақт бўлмади. Катта чинорга отилган тош қайтиб тушаверади.
— Биз дин ожизларнинг иши, деб биламиз. Бундай касаллик билан курашиб, уни даволаш керак.
— Янглишяпсиз, ўғлим. Дин ожизларнинг эмас, доноларнинг иши.Худога ишонувчи одам манманликдан, бировга зулм қилишдан холи бўлади. Бу бирламчи, иккиламчи дин кишиларнинг руҳиятига кучли таъсир кўрсатади. Сизлар эса бу қудратдан маҳрумсиз. Динни мутлақо инкор этмай, келишувингиз сизга фақат фойда беради.
— Яхши, отахон, келишдик ҳам дейлик. Биз бир томонда одам Худонинг ғаройиботи эмас, табиатнинг бир бўлаги десагу, сиз бошқа томондан табиатни Оллоҳ яратган, деб турсангиз, бу ёғидан қандай наф унади?
— Чиндан ҳам табиатни Роббимиз Оллоҳ яратган-да!
— Яхши, табиатни Худо яратган, дейлик. Худони ким яратган? Йўқдан бор бўлганми?
— Хўп, табиатни Худо яратмаган экан, гапингизни маъқул дейлик. Хўш, одамни-чи? Унда одамни ким яратган?
— Одам табиатнинг қонуний ривожланиши маҳсули.
— Баъзилар маймундан пайдо бўлган дейишади шекилли? — қария шундай деб айёрона жилмайди.
— Тўғри, одам маймундан пайдо бўлган, — деди Дилмурод кинояни фаҳмламай.

Озғин қария кулди. Унга бошқалар ҳам қўшилди. Қария Рҳақ-Мирзавой келтириб қўйган ликобчадаги майиздан олиб оғзига ташлади.
— Нимага куляпсиз?
— Айбга буюрмасангиз, бир гап келди, ўғлим: Сизнинг ота авлодингиз маймунми ё она авлодингизми?— бу гапдан кейин оқсоқоллар баралла кулиб юборишди. Сал нарида баҳсни диққат билан эшитаётган Рҳақ-Мирзавой ҳам, Асқарали ҳам кулгидан ўзларини тиёлмадилар.
— Отахон, бу гапингиз янги эмас, — деди Дилмурод ҳам кулгига қўшилиб. — Мана шу назарияни яратган олимга ҳам шу саволни беришган. У киши: «Мен авлодимнинг маймундан келиб чиққани учун қайғурмайман. Аммо ҳали ҳам икки оёқда юрувчи онгсиз, нодон маймунлар борлигидан афсусланаман», деб жавоб қайтарган эканлар.

Қариянинг танглайига майиз пўсти ёпишдими, ё қалқиб кетдими, ё Дилмуроднинг гапи таъсир қилдими, бехосдан йўтал тутди. Оқсоқол чойдан қуйиб узатди. Қариянинг йўтали босилгач, Дилмурод гапини давом эттирди:
— Олимнинг шогирди эса: «Мен ўз ҳаётини хавф остига қўйиб пода қоровулини қутқариш мақсадида ёвуз душманга ташланган маймун авлоди бўлишни бегуноҳ ғанимларни азоблаб лаззат топувчи, қонли қурбонликлар қилувчи, ўз фарзандларини ўлдирувчи, хотинларини чўри ўрнида кўриб муомала қилувчи, ҳеч бир уяти бўлмаган ҳолда Худога сиғинувчилар авлодига мансуб бўлишдан кўра юқорироқ қўяман!» деган экан. Отахон, узр, бу сизга тааллуқли эмас. Юз йил илгариги гаплар билан саволингизга жавоб қилдим. Менингча, бундан бошқачароқ жавоб бўлмаса керак...
— Чиндан ҳам жавоблари ўткир экан, омма гапни кавлаштирсанг, яна бир савол чиқяпти. Хўш, нима учун ҳозирги маймунлар одамга айланмайди?
— Отахон бу бир кун, икки кунда бўладиган гап эмас. Табиатнинг қонуний ривожланиши натижасида амалга ошадиган жараён. Бунга балки юз минг йил, балки миллион йил талаб этилар. Икки оёқли «маймун»ларни одам қилиш қийину сиз тўрт оёқлигини айтасиз.

Дилмуроднинг бу гапидан кейин яна кулги кўтарилди. Қариялар «тўғри-тўғри», деб бош силкиб маъқуллашди. Бундан фойдаланган Дилмурод қўққис бошлаган самимий баҳсни ўз фойдасига ҳал қилиш учун озғин қарияни бехос саволга тутди:
— Отахон, нима учун Худо Муҳаммад пайғамбардан сўнг ерга элчи юбормади? Нима учун Қуръон Худонинг охирги китоби бўлиб қолди?
— Янгисига ҳожат йўқ-да. Ислом дини охир замон дини, Муҳаммад алайҳиссалом охир замон пайғамбаридир.
— Агар диннинг талаблари ҳисобга олинса, ҳожат борга ўхшайди. Ахир, одамлар борган сари гумроҳ бўлиб кетяпти-ку, наҳотки, Худо бунга бефарқ қараса?
— Пропесур ўғлим, сиз андак қуюшқондан чиқиб кетдингиз. Нафсиламрини айтганда, мен ҳалиги маърузангиздан кейин сизни инсофга чақириб қўймоқчи эдим. Афсуски, инсофга юрмас экансиз. Ҳар ҳолда мусулмончиликка шак келтирмаганингиз маъқул. Бир танангизга ўйлаб кўринг. Дин илмини ҳам ўрганинг. Ана шунда баҳсга киришсангиз ярашади. — Қария шундай деб ҳамсубҳатларига қаради. Улар бош ирғаб маъқул ишорасини қилгач, фотиҳага қўл очди. Оқсоқоллар кетгач, Асқарали бу қариянинг Ўшдаги катта масжидда имом экани, бу ерга меҳмон бўлиб келганини айтди. Дилмурод диннинг моҳиятини билмай туриб баҳслашганидан изза чекди. Тўғри-да, бирор-бир саводсиз киши психиатриянинг асослари бўйича Дилмурод билан баҳс қилса, унга нима деб баҳо берарди? Дилмуроднинг ҳам кўнгли хира бўлиб Рҳақ-Мирзавой билан хайрлашди-да, Асқаралига қўшилиб уйга қайтди.

Рҳақ Дилмуроднинг мажлисдаги гапларини ҳам, қария билан қилган баҳсини ҳам эшитиб, Сабоҳиддинни кўз олдига келтирди. Сабоҳиддин ҳам жамиятни фақат дин инсофга келтиради, дер эди.

Янги жамият янги йўл танлаган бўлса-да, қарашлар кураши сўнмабди. Ерда эски хотиралардан бирдан қутулиш қийин. Тангда бўлак гап эди. Улар ҳозир Рҳақнинг Ер сайёраси ҳақидаги дастлабки таассуротларини унутишган. Унинг кундалиги тарих жавонига тушган.

Бугун-эрта Рҳақнинг куни битса, уни ким эслайди? Агар Ерда жон берса, «Мирзавой деган бир одамови дўхтир бор эди», деб ёдга олиб туришар. Қариялардан бири руҳига қуръон бағишлар. Тангда бўлса-чи? Куйдирилиб, кули устига тупроқ тортилиши билан ҳамма нарса тугайди. Ҳатто Фид ҳам эсламай қўяди. Чунки унинг бошида олам-олам ташвиш. Борди-ю, ундан аввал Фид ўлса-чи? Уни Рҳақнинг ўзи эслайдими?

Рҳақ дўстининг қиёфасини кўз олдига келтириб сесканди. «Йўқ, ўлмай турсин. Мен билан яна ким диллашади?»

Рҳақ мана шу ўйлар билан ётиб ухлаб қолди.

Дилмурод эса анчагача ухлай олмади. Кўзни юмди дегунча илонни четга олиб қўйган Девона гавдаланаверарди. Ўрнидан туриб ўтирди, ҳовлига чиқди. Сой бўйига тушди. Қайтиб кириб ётди. Кўзини юмди: ўша ҳол такрорланди. Яна ўрнидан турди. Ҳовлига чиқди-да, беихтиёр қабристон томон юрди.

Ҳужра эшиги берк, аммо ичкаридан Девонанинг овози келиб турарди. Дилмурод эшикка қўл юбор-ди-ю, лекин ичкари кириш фикридан қайтиб, Девонанинг узуқ-юлуқ гапларига қулоқ солди:
— Норхўжа... қўрбоши... Норхўжа... Сожида, ана келди! Келди!
— Увв!..

Бирдан Девона жонҳолатда қичқириб юборди. Дилмурод беихтиёр ичкарига отилиб кирди. Ғира-ширада деворга биқиниб дир-дир титраётган Девона худди устига ажал бостириб келаётгандай юзини панжалари билан тўсиб, бақира бошлади:
— Бегим, бегим, тавба қилдим... Ака, қочинг! Увв...

Дилмурод аввалига қимир этмай турди. Кейин изига қайтиб эшикни ёпди.

Ичкаридан Девонанинг кулгиси эшитилди.

Кейин у йиғлади.

Сўнг жимиб қолди.

Дилмурод нима қиларини билмади. Чунки Девонанинг бу қилиғи унинг учун янгилик эди. Девона нималарнидир эслаяпти. Агар илгари бу номларни тилга олмаган бўлса, демак, ТЭТ кучини кўрсатяпти: Девонанинг мияси созлана бошлаган...

Бир ҳафтадан сўнг Девонани учинчи марта чарм қоплаган тахта сўри томон бошлашди. Девона бу сафар ҳам индамай кириб ётди-да, кўзларини чирт юмиб олди. Муолажа тугагандан кейин ҳам қимирламади. Дилмурод Мирзавой билан Сабохонни имлаб ташқарига чиқди.
— Сабохон, сиз Ҳақберди бувадан бир хабар олиб келинг, — деди Дилмурод тол соясидаги сўрига ўтирар экан, — бугун ўзлари келмоқчи эдилар, дараклари бўлмаяпти.

Сабохон кетгач, Дилмурод Рҳаққа юзланди.
— Мирзавой ака, Девонада ўзгариш бошланган, сезяпсизми?
— Пича ўзгарди шекилли?
— Бошқалар ҳам сезишганмикин?
— Нима эди?
— Девона сал эсини таниса, шов-шув бўлиб кетармикин, дейман?
— Қўрқяпсизми? — деди Рҳақ кулиб. — Меҳнат қилгандан кейин шуҳрат юкини ҳам кўтарасиз-да...
— Жуда ичим куйиб кетди. Мен бир чой ичиб келай, сиз қараб туринг. Ётаверсин, индаманг.

Дилмурод шундай деб чиқиб кетди. Рҳақ эса деразага яқинроқ бориб Девонага тикилди. Шу аснода унга Сабоҳиддиннинг кейинги ҳаёти аён бўлди.

«Пок» Ният

Сабоҳиддин, гўшангада чўзилиб ётган Зайниддин қорининг жағини танғигач, ташқарига чиқди-ю, шошилиб келаётган Норхўжага рўпара бўлди. Қўрбоши унинг қаршисида тўхтамай, нимадир деб пичирлаб ўтовга кириб кетди. Дам ўтмай изига қайтди-да, Сабоҳиддинга юзланди.
— Мулла Сабоҳиддин, йўлга ҳозирланинг. Зайниддин қорини Ўшга қўямиз. Мен асрга етиб бораман. Дев, отларни эгарла. Ўзинг Холиқберди тўрамга хабар қил. Шилпиқни Ўшга жўнат. Барвақтроқ хабар етказсин.

Норхўжа «маъқулми?» дегандай Сабоҳиддинга нигоҳини қадади. Сабоҳиддин қўлини кўксига қўйгач, у: «Бевақт ўлимдан Тангрининг ўзи сақласин», деб оқ ўтов томонга юрди.

Сабоҳиддин: «Қўрбоши ҳозир ҳаммани буровга олади», деб ўйлаган эди. Унинг хотиржамлигидан ҳайратга тушиб, ўтовдан икки-уч қадам нарида турган синглисига қаради:
— Бўлди, ўзингизни босинг, кўпам ваҳмга берилманг, — деди уни овутиш мақсадида. — Қори домлам жонлари узилмай туриб бирон нарса демадиларми?

Машҳура ўйланиб қолди.
— Дедилар... дедилар, шекилли.
— Нима дедилар?
— Яхши эшитмадим. Охирида «Худо урди!» дедилар.
— Жон беришда қийналдиларми?
— Ҳа. Аввал «юрагим куйяпти», дедилар. Чой сўрадилар. Чойни ичиб баттар бесаранжом бўлдилар.
— Нимага одам чақирмадингиз?
— Қўрқдим... Кейин яна чой бердим. Бир-икки қултум ичиб, кўзлари олайди...
— Чойни ким олиб кирган эди?
— Чойними? Анави..
— Юраклари куймасдан илгари ҳам ичган эдиларми?
— Ҳа, бир чойнакни бўшатганлар.
— Чойдан қолганми?
— Кейингисининг ярми шундай турибди.

Сабоҳиддинга воқеа равшанлашгандай бўлди. Ичкарига кириб чойнак-пиёлани олди-да, Норхўжанинг ҳузурига қараб кетди. Лекин: «Қўрбоши ухлаяпти», деб уни ичкарига қўймадилар. Сабоҳиддин нима қиларини билмай турганда, Норхўжанинг ўзи чиқиб келди.
— Ҳа, нима гап? — деди у норози оҳангда.

Сабоҳиддин бор гапни баён қилиб, чойнак-пиёлани узатди.
— Ол, — деди Норхўжа соқчига имо қилиб. Соқчи чойнак-пиёлани ичкари олиб киргач, Сабоҳиддинга қаради: — Сиз кетаверинг, арава тайёр бўлгандир. Мен гуноҳкорни ўзим топаман.

Дарҳақиқат, ҳозир айбдорни суриштирадиган вақт эмасди. Сабоҳиддин бўзлаётган синглиси билан хайрлашиб, аравага эргашди. Анча ергача отни етаклаб пиёда борди. Икки довон ошилгандан кейингина отига минди.

Норхўжа айтганига амал қилиб, асрга етиб келди. Жанозанинг бошида ўзи бўлди. Қабристондан Зайниддин қорининг уйига келиб, тиловат қилди-да, изига қайтди. Кетар маҳалида Сабоҳиддинни бир четга тортиб: «Сиз йигирмаларини ўтказиб, сўнг қайтасиз, буни сарф-харажатга ишлатинг», деб халтачада пул узатди.

Келди-кетди билан бўлиб Зайниддин қорининг ўғиллари бехос ўлимнинг сабабини суриштиришмади. Сабоҳиддин эртами-кечми ҳисоб беришга мажбур эканини биларди. Норхўжа шунинг учун ҳам уни қолдириб кетди. Ахир қори унинг синглисига уйланиб, гўшангада жон берди-ку? Норхўжа, қори айтганидай, айёр экан. Сабоҳиддин буни жанозадан кейин тўла ҳис қилди. Ана шундай одамнинг миллат отаси бўлмоқчи эканини эслаб, ғазабдан вужуди ёнди. Бугун у ўзининг йигитларига ҳукм ўтказади. Эртага Холиқберди тўрани ямлаб, ҳокимлик қулочини кенгроқ ёяди. Кейин бошқа қўрбошиларни бўйсундиради. Миллат отаси бўлади. Юрт эса харобликка юз тутади. Халқнинг боши қирғиндан чиқмайди. У миллат, миллат деб, ваъз айтаверибди-ю, одамларнинг аҳвол-руҳиясига қарамабди. Виждон билан малъунликнинг бир вужудда яшашини ҳисобга олмабди. Одамнинг жиғилдони уйғонса, энг аввало виждонини кемиради. Ғазаб бош кўтарса, меҳр кетади. Малъунлик қад ростласа, яхшилик чирийди. Сабоҳиддин буни акаси Сибир қилинганидаёқ англаши лозим эди. Аммо у инсофга ишониб, саробни орзу қилиб юраверди. Ниҳоят, Норхўжанинг хатти-ҳаракатларини фикр тарозисидан ўтказгач, бу аччиқ ҳақиқатни тан олиб, юраги ларзага келди. Қалбида уйғонган нолаю афсуслар бағрини аёвсиз тилди. Энди у аросатга қадам қўйиб бўлган: на қайтиши, на илгарилаши мумкин. Ғишт қолипдан кўчган, қилич қинидан суғурилган. Қароргоҳда Машҳура қон йиғлаб ётибди. Норхўжа бутун айбни унинг бўйнига қўяди. Сожидага тегмайди. Сожида... Бунчалар расво бўлмаса бу хотин. Келиб-келиб Норхўжага хизмат қиладими, аламини шу норасидадан оладими? Йўқ, унинг учун Машҳура бир восита. Машҳура орқали у Сабоҳиддиндан, Жамолиддиндан ўчини олди. Ҳа, маккор хотин! Ҳали қараб тур, Худо сени ит азобига солмасами...

Сабоҳиддин юрса ҳам, турса ҳам шу ўйлар ҳукмида эзилди. Эртасига, пешин намози пайтида, Холиқберди тўра етиб келди-ю, бу азобдан бир оз холи бўлди.

Холиқберди тўра намоздан сўнг қабристонга бориб тиловат қилди. Мозористон атрофидаги етим-эсирларга садақа улашди. Кейин Сабоҳиддинни ёнига олиб шаҳар оралади. Сабоҳиддин йўл-йўлакай унга бўлган воқеани айтиб берди. Холиқберди тўра унинг гапларини индамай эшитди. Анчагина сукутда қолди.
— Гуноҳи менинг бўйнимда, — деди у ниҳоят синиқ овоз билан. — Била туриб ўлимга юборибман. Афсус чеккан билан мурда тирилмайди. Энди ўзингизни ўйланг. Жамол сиздан ризо эмас. Сизни деб мен билан хафалашди. Бир жиҳатдан у ҳақ. Ака бир ён, ука бир ён бўлгани мақбул эмас. Ихтиёрингиз ўзингизда. Истасангиз, уйингизга қайтинг. Бугун-эрта Ўшни шўроларга топширамиз. Улар Андижонда катта куч тўплашяпти. Бас келишимиз қийинга ўхшайди.
— Синглим Норхўжанинг қўлида-ку?
— Ҳа, дарвоқе, аввал Норнинг олдига қайтар экансиз. Ўша ерда бўла туринг. Ҳеч бир ишга аралашманг. Сал тинчиб олганимиздан сўнг, сизни ҳузуримга чақиртираман.

Улар шаҳарни оралаб, болахонали уй қаршисида тўхташди. Ичкаридан болаларнинг овози эшитилиб турарди. Холиқберди тўра отдан тушиб ичкарига кирди. Бошқалар ҳам унга эргашишди. Эшик тепасидаги: «Шўролар етимхонаси», деган лавҳага кўзи тушиб, Сабоҳиддин ажабланди.

Холиқберди тўра ичкари кириши билан ҳовли тинчиб қолди. Соч қўйган қилтириқ киши тўра билан қўшқўллаб сўрашди.
— Хўш, мудир афанди, аҳволлар дурустми? Болаларни зориқтирмаяпсизми?
— Кам-кўстимиз йўқ, тўрам.
— Қани, болаларни сафланг-чи. Нималарга ўргатаётибсиз?

Мудир ўттизга яқин болани дарров сафлади. Ораста кийинган болалардан беш-олтитаси қаддини ғоз тутиб шеър айтди. Шеърлари инқилобий руҳда бўлса ҳам, Холиқберди тўра уларни бўлмай эшитди. Кейин ўрнидан туриб мудирга икки халта пул берди.
— Буларни зориқтирманг, — деди қатъий оҳангда. Сўнг болаларга юзланди. — Сизлар яхши ўқинглар. Ўқишдан бошқа ҳеч нарсани ўйламанглар. Замон ҳам тинчиб кетади. Келажакда юртга ўзларинг ҳокимлик қиласизлар. Ўқимас экансизлар, сизлардан эл рози бўлмайди.

Холиқберди тўра шундай деб изига қайтди.
— Ҳа, мулла, шўроларнинг етимхонасига мурувват кўрсатганимга ҳайронсиз-а? — деди у отга минар чоғида. Кейин жавоб кутмай гапини давом эттирди: — Болаларда гуноҳ йўқ. Катталар бир-бирининг гўштини еяпти. Бу ҳам жоҳиллик оқибати. Урушда биз енгсак ҳам, шўролар енгса ҳам, бари бир, эрта шу болаларники. Ўқиса, яхши-ёмонни ўзи ажратиб олади.
— Айтган шеърлари бошқача-ку?
— Ҳа, сизга қуръондан суралар ўқиб берсинми?— Холиқберди тўра кулди. — Йўқ, мулла, энди янгича савод чиқариш керак. Зайниддин қорини шунинг учун яхши кўрардим.

Холиқберди тўра ўттизга яқин йигити билан оқшомга яқин Ўшдан чиқиб кетди. Сабоҳиддин, унинг буйруғига кўра, эртасига бомдоддан сўнг йўлга тушди. Бир кунгина Новқатга қўниб, онасини йўқлади. Сабоҳиддинга уйлари етимчадек мунғайиб кўринди. Бир ҳафта ичида онаси озиб, кўзлари киртайиб қолибди. Дармони йўқлигидан ҳовлига ҳам қаролмаган кўринади-райҳонларни зарпечак ўрабди. Сабоҳиддин онасига бўлган воқеани маълум қилиб ўтирмади. Акасининг озод этилганини билдириб, Машҳурани шу икки-уч кун ичида жўнатиб юборажагини айтди-да, йўлга отланди. Она яна ғамини ичига ютиб қолаверди.

Норхўжа Сабоҳиддиннинг барвақт қайтганидан ажабланмади. Ўтовга таъзим билан кирган Сабоҳиддиннинг саломига совуққина алик олиб пойгакдан жой кўрсатди.
— Холиқберди мени хушламай юрарди. Энди кўрарга кўзи қолмади. Бунинг боисини фаҳмлагандирсиз?— деди нигоҳини қадаб. — Унинг назарида қорини мен ўлдиртирганман! У ҳеч қачон сингилчангизни айбламайди.
— Ахир чиндан ҳам синглим...
— Ким бўлмаса?! — Норхўжа шундай деб бақириб юборди. — Қани, айтинг, ким? Сожидами? У ҳам бўйнига олмади. Чойнакда қолган чойни ичирдим. Бало ҳам урмади. Хўш? Балки бу тўранинг найрангидир? Яширмай айтовуринг, гуноҳингиздан ўтаман.

Сабоҳиддин бу гапни эшитиб, гарангсиб қолди. Тили айланмади.
— Найранг? Қанақа найранг, сўзингизни англамадим? — деди ғудраниб.
— Тушунмадингизми? — деди Норхўжа пичинг билан. — Холиқберди қорини ўлдиришни сизга топширмаганмиди?
— Ё, Оллоҳ! — Сабоҳиддин шундай деб ёқа ушлади. — Ўлимдан хабарим бор, аммо бу гап етти ухлаб тушимга ҳам кирмаган. Қори домламнинг ўлимлари тўрамга нима учун керак экан? Ахир... тўй сизнинг ниятингиз билан бўлди-ку?

Бу гапдан кейин Норхўжа сал пасайди. Дарвоқе, Сабоҳиддинга айб тўқиётганда бунисини ўйламаган экан. Энди унга қарши сўз айтолмай юмшашга мажбур бўлди.
— Сожида айбни бўйнига олмаса ҳам уни жазога буюрдим.
— Ўлимгами?
— Йўқ, нимага энди? — Норхўжа заҳархандалик билан кулди. — Бизни бу даражада бемеҳр деб ўйламанг. Биз, одатимиз, бўйича, беозорлик либосларини кийганмиз, омма лозим бўлса, душман қонидан тепаликларни суғорамиз. Фикримча, сиз душман эмассиз. Шунинг учун акангизнинг гуноҳидан ўтдик. Синглингизни йигитлар қўлига никоҳсиз берилишидан сақлаб қолдик. Сизга бўлган ҳурматимиз бизни бу йўлдан тийди. Шу ҳурмат ҳаққи, яна бир карра марҳаматимизни дариғ тутмай, синглингизни эмас, айбсиз жувонни калтаклатиб, гуноҳини бўйнимга олдим. Ахир бандаларига бесабаб жазо берилса, Оллоҳнинг ғазаби келади, шундай эмасми? Домлангизга айтинг, синглингизни олиб, Новқатга қайтсин.

Сабоҳиддин яна таъзим билан чиқди.

Норхўжа ҳали олдинда жиддий олишувлар борлигини сезарди. Шунинг учун ҳам беақл Султонмуроддан қутулиб, итоаткор бандага айланган Сабоҳиддиннинг хизматига умидвор эди. Худо хоҳласа, лак-лак муридлари бор эшонлардан бири Норхўжа қароргоҳига кириб келади. Ўшанда мулла йигитнинг ҳам баҳридан ўтади-қўяди!

Сабоҳиддин ўтовдан чиққач ҳам, синглисини кузатиб қўйгандан кейин ҳам ўйлаб ўйига етолмади: «Қори ака Норхўжани қиморбоз, деб сўкардилар. Одатда қиморбозлар ҳам айёр, ҳам мард бўладилар. Ҳозир қўрбошининг мардлиги тутдими ё янги ҳийла ишлатмоқчими? Нима учун менга яхшилик қилмоқчи. Мендан қандай наф кўрмоқчи? Қори акамнинг ўлимларида ким айбдор? Сожида ижрочи холос. У чойга заҳар қўшилганини билмаган бўлиши ҳам мумкин?»

Норхўжа бу кеч базмга изн бермади. Шунинг учун ҳам қароргоҳга барвақт осойишталик чўкди. Сабоҳиддин оқ ўтовга қўрбошининг яқинлари тўпланганини билиб: «Бир гап борга ўхшайди», деб қўйди. Оқ ўтовдан одамлар чиқиб кетгач, Норхўжа уни ҳам йўқлатди.
— Эртага йигитларим билан сафарга чиқаман. Холиқберди тўра ёрдам сўраяпти. Шўролар Ўш билан овора бўлиб турганда Наманганни олмоқчи. Дўпписи сал торроқ. Бир ярим минг йигит сўраттирибди. Уни амиралмуслимин, деб фотиҳага қўл очганмиз. Истагини бажо келтиришга мажбурмиз. Худо хоҳласа, Наманганда қишлаб, Наврўзни Қўқонда қаршилаймиз.
— Иншооллоҳ.
— Бомдоддан сўнг йўлга чиқамиз. Бекларимнинг руҳига мадад берадиган ваъз айтинг.
— Хўп бўлади, тақсир.
— Сизни шу ерда қолдирамиз. Худо мададкор бўлиб Наманганни олсак, орқамиздан тушиб борасиз.

Султонмурод оқ ўтовга чорланмай қўйганидан хавотирда эди. Издиҳомдан сўнг йўқлов бўлганда бир оз чўчиган, аммо юзидан кулгини йўқотмаган ҳолда оқ ўтовга кирди.
— Тақсирим, кўринмайдилар? — деди Норхўжа пичинг билан.
— Сояи-давлатингизда...

Султонмуроднинг гапи чала қолди.
— Зайниддин қорининг ўлимидан куйиб кетганга ўхшайсиз? Рангингизни ҳам сал олдириб қўйибсиз. Ишқилиб, Худо асрасин сизни.
— Дуоларингиз, иншооллоҳ, ижобат бўлсин.
— Тақсирим, қорига ким заҳар берибди экан, билмайсизми?
— Ўлимдан хабарим бор...
— Билмайсизми?
— Айбдорни жазоладингиз-ку?
— Сиз мени ким деб ўйлаяпсиз? Онамдан калтафаҳм бўлиб туғилган эканман-да, а?
— Ундай деманг, эшоним, сиздай улуғзот...
— Бас! — Норхўжа тиззасига шапати уриб, ўрнидан туриб кетди. — Аслида мен сенинг терингни шилишим керак эди. Қорида нима қасдинг бор эди? Қушчани қизғандингми? Ё қори олдида обрўдан кетишдан қўрқдингми? Сенда обрў борми ўзи? Сариқ чақага қиммат туллак эканингни биласанми ўзинг?! Зайниддин қори менга керак эди, сен уни единг. Энди кўзимга кўринма. Қизни олиб, Новқатга қайт. Агар унинг юзига нопок нигоҳинг тушса, кўзларингни ўяман. Бор, жўна.

Султонмурод осон қутулганидан қувониб, Норхўжанинг этагини ўпиб, кўзига суртди-да, уни дуо қила-қила ўтовдан чиқди.

Бомдод намозидан сўнг Сабоҳиддин қўрбошининг истаги билан йигитларнинг руҳини кўтарувчи ваъз айтди:
— Азиз биродарлар, ҳозиргина барчамиз аҳли муслим бажо қилиши лозим бўлган фарзлардан бирини адо этдик. Муҳаммад алайҳиссалом айтадиларки, беш фарзнинг бири бўлмиш намоз бандаларни бузуқликдан ва номаъқулчиликдан сақлайди. Бу ҳадиснинг нақадар чин экани ойдин равишда барчангизга аён бўлиб турибди. Шайтон васвасасига учиб намоздан қайтган, имонини сотган юрдошларимизнинг айримлари шу бузуқлик йўлига кирдилар. Улар ўзларининг хатти-ҳаракатлари билан қиёмат-қойимни чақиряптилар. Бу дунёда ҳаёт кечираётган ҳар бир гуноҳкор банда кўзи очиқ бўлса ҳам баъзан қай йўл тўғри, қай бири жаҳаннам йўли эканини кўра олмайди. Бандалар ҳидоят йўлини кўрсатувчи Тангрига ва унинг марҳаматига ҳамиша муҳтожлар. Ҳижратдан ўн икки йил аввал, рамазон ойининг йигирма еттисига ўтар кечасида, яъни лайлат ул-қадр куни Оллоҳ-таоло Муҳаммад алайҳиссаломга ваҳий юбориб бандаларни ҳақ йўлга бошлашни буюрди. Юртимизни депсиб, хорлик сари бошлаётган имонсизлар Оллоҳ-таолонинг муқаддас сўзлари битилган Қуръони каримга ҳам шак келтирмоқдаларким, уларнинг охиратлари, иншооллоҳ, буткул куйгай. Тангри уларга дўзахдан макон ҳозирлаб қўйган. Муҳаммад алайҳиссалом айтадиларким, менинг умматларимдан кимки Оллоҳнинг амрига ҳозир турса, у сира камлик кўрмайди. Бундай умматларни хорловчи ва уларга зидлик қилувчиларга шодумонлик дарвозлари тақа-тақ беркилади. Бу имонсизлар Оллоҳнинг қаҳрига учраб, қиёмат-қойим бўлгунга қадар хорликда яшайверадилар.
— Сиз, азиз биродарлар, Оллоҳнинг амрини бажармоқ учун иссиқ уй-жойларингизни, бола-чақаларингизни ташлаб ислом лашкарлари сафига қўшилган экансиз, ишооллоҳким, Тангрининг мағфиратига чўмилгайсизлар. Роббимиз марҳамат қиладиким, астаъизубиллаҳи: «Валлазийна ҳожаруна фий сабилиллахи сумма қутилуу ав мату лаярзуқаннахумуллоху ризқан хасан ва инналлоху лахум хойрур-розиқиин». Садоқоллоҳулазийм. Яъниким, Оллоҳ йўлида ҳижрат қилган, сўнгра қатл этилган ёки вафот топган зотларни, албатта, Оллоҳ гўзал ризқ яъни мангу жаннат билан ризқлантирур. Дарҳақиқат, Оллоҳнинг ўзи энг яхши ризқ берувчидир.

Сабоҳиддин сўзларини жон қулоғи билан тинглаётган одамлардан кўз узмасди. Гапира туриб: «Кеча йигитга гажак қўйиб, ўйнатиб, базм қилганлар шуларми? Улар ҳақида нотўғри тўхтамга келмадимми?» деган фикр хаёлидан ўтди. У: «Гапларим таъсир этяптимикин?» деган ўйда сал нарида турган қўрбоши томонга ҳам қаради. Норхўжа унинг ваъзини бошини қуйи эгган ҳолда тингларди. Хаёлидан нималар кечяпти — қилган гуноҳларига тавбами ё навбатдаги зулм режасими — билиб бўлмасди. Сабоҳиддин назарини ундан олмаган ҳолда сўзини давом этди: — Ҳар бир тирик жон токи нафас олар экан, Ватани озодлиги учун, дин поклиги учун курашмоғи лозим. Йўқса, бора-бора одамлар исломдан юз ўгирадилар, масжидлар молхоналарга айлантирилади, болалар оталарига қўл кўтарадилар, хотинларимиз, қизларимиз, опа-сингилларимиз кофирлар билан айшу ишратга бериладилар. Оқибатда, Оллоҳ қиёматни юборади. Қуръони каримда шундай зикр этиладиким: «Одамлар билан қилинадиган ҳисоб-китоб яқинлашди, улар бўлса бепарво юз ўгириб юрибдилар. Ҳа, улар муҳлатни ёлғон деб ўйлайдилар. Булар учун биз оловни тайёрлаб қўйдик». Фарғона вилоятида бош кўтарган имонсизлар қўли баланд келгудай бўлса, Тангри бу оловларни ерга юборади. Қиёмат келган тақдирда ҳам, Оллоҳ-таоло аҳли муслимни шафқат нурлари билан паноҳига олади. Чунки мусулмонлар Оллоҳ-таолонинг танланган бандаларидир. Қуръони каримда дейиладиким, «кимки келажак ҳаёт экинларини экса, биз унинг ҳосилини кўпайтирамиз. Кимда-ким яқин ҳаёт экинини афзал кўрса, биз унга хоҳлаганини берамиз, аммо унга келажакдан ҳеч қандай ҳисса йўқ». Куфр йўлидагиларнинг оқибатини ҳам Яратган Роббимиз ўз каломида аниқ баён этгандир. Қачонки сур чалиниб, қиёмат бошланганида умри иймонсизлик билан ўтганларга қарата Оллоҳ айтадики: «Сизлардан олдин ўтган жин ва инсдан иборат кофир умматлар ичида сизлар ҳам дўзахга киринглар!» Ҳар бир уммат дўзахга киргач, шеригини лаънатлайди. У ерда бир-бирлари билан жам бўлиб топишишгач, охирги уммат ўзидан олдингиси ҳақида «Эй Роббимиз, ана ўшалар бизларни адаштирганлар. Уларга дўзах азобини икки баробар қилиб бергин», дейдилар. Шунда Оллоҳ «Ҳар бирларингиз учун икки баробардир, лекин сизлар бунинг ҳикматини билмайсизлар», дегай. Яна Тангри-таоло золимларнинг жазосини аниқ баён этадиким, «Уларга жаҳаннам ўтидан остиларига гилам ва устиларига ёпинчиқ бўлур...» Сиз, муҳтарам биродарлар, ўз хатти-ҳаракатларингиз билан бугун келажак уруғларини сепмоқдасизким, инша Оллоҳ, унинг ширин меваларидан баҳраманд бўлурсиз. Орага шайтон қўшилиб, бир миллат, бир дин фарзандлари бир-бирларининг қонларини тўкмоқдалар. Наилож, бу ҳам Оллоҳнинг иродаси, улуғ синови. Оллоҳнинг ижозатисиз дарахтлар куртак ҳам чиқармайди, урғочилар ҳомиладор ҳам бўлишмайди. Оллоҳ иймонсизларга «Жонингни ўз биродаринг олсин», деб жазо юборган экан, инша Оллоҳ, шундай бўлаверади. Агарчи, миллатимизнинг озодлиги, динимизнинг поклиги йўлида жонингиз қурбон бўлса, тўғри жаннатга равона бўласиз. Шаҳид кетганларнинг у дунёдаги ҳаёти боқийдир ва роҳат билан ўтадир. Агар ўлим тақдирга ёзилмаган бўлса, қирқ йил қирғиндан ҳам омон чиқасиз. Тақдирдаги ўлим муддати келган бўлса, уйингизда ҳам ўлаберасиз. Шунинг учун барчангиз Оллоҳ-таолонинг номини дилга жо қилиб, умрларингизга барака сўрангиз. Чунки «Ҳеч бир жон Оллоҳнинг изнисиз ва ёзуғда белгиланган муҳлатга етмасдан ўлмайди». Инша Оллоҳ, ўлим ёмғирининг барчаси ғанимлар устига ёғилгай. Ваиъзамиз сўнггида яна Оллоҳ таборак ва таоло марҳамат қилган оятлардан бирини зикр этайлик. Роббимиз дейдики, астаъизубиллаҳи: «Я айюҳаллазийна оману сабиру ва собиру ва робиту ваттақуллоҳа лаълакум туфлихуун». Садоқоллоҳулазийм. Яъниким, эй иймон келтирганлар, сабр қилингиз ва сабр тоқат қилишда кофирлардан устун бўлингиз ҳамда доимо кураш, яъни жиҳод учун белингиз боғлиқ ҳолда ҳозир бўлиб турингиз. Ва Оллоҳдан қўрқингизким, шунда шояд нажот топгайсиз». Оллоҳнинг амрига итоат этмоқлик ва нажот топмоқлик барчамизга насиб айласин. Қани, омин, ғалабаёр ислом лашкарини Тангрининг ўзи қўлласин! Душманга хорлик, дўстга фароғат ато этсин! Оллоҳу акбар!

Сабоҳиддиннинг ваъизаси одамларни гўё сеҳрлаб қўйган эди. Норхўжа буни сезди. Сезди-ю, «Бу мулла бало экан, ҳали кўп каромат кўрсатади», деб қўйди.

* * *

Тоғларга қиш эрта келади. Норхўжа кетган кундан уч кеча-кундуз ўтгач, қор тушди. Аммо пешинга қолмай эриб кетди. Ўша дамда Сабоҳиддинни базмларни қизитиб юргувчи Асқар чўтир йўқлаб келди.
— Тақсир, малол келмаса, ўтовимизга бирров кирсангиз, деб келиб эдим. Сожиданинг айтадиган гапи бор экан.
— Унинг сўзларини эшитадиган қулоқ йўқ.
— Бечора ўша кундан бери ўнгланмаяпти. Кўзим очиқлигида бир сирни айтиб кетай, деяпти. Бу сирдан бехабар қолсангиз, увол бўлишингиз мумкин экан.

Сабоҳиддин Сожиданинг калтакланганини кўрмаган бўлса-да, одамлардан эшитган, «ўзи Худо урадиган эди», деб эътибор қилмаганди.
— Азбаройи худо, буни ҳийла деб ўйламанг, тақсир.

Сабоҳиддин чопонини кийиб унга эргашди. Ўтовга яқинлашгач, чўтир секин йўталиб қўйди-да, ичкарига кириб кетди. Дам ўтмай қайтиб чиқиб: «Кираверар экансиз», деди. Ўтовнинг бир чеккасига тўшалган ўринда Сожида ҳаракатсиз ётарди. Нимқоронғида унинг ранги ўликка ўхшаб кетган эди.
— Чиқиб туринглар, — деди Сожида чўтир билан буқоққа. Унинг овози синиқ, сўзлар узилиб-узилиб чиқарди. Холи қолишгач, Сожида яна гапира бошлади:— Муллака, берироқ ўтиринг. Худо омонатини сўраяпти шекилли. Умрим охирида бир савоб иш қилай, рози-ризолигингизни олай, деб сизни айттирдим. Жаҳлингиз чиқмасин. Ҳар қалай бегона эмассиз. Пешонамга шундай ишлар ёзилган экан, нима қилай? Кейинги эрим тирик бўлганда, балки... — унинг сўзи ичида қолди. Баданида оғриқ туриб ингради, кейин «Сув беринг», деб пичирлади. Сабоҳиддин пиёладаги сувни тутди. — Илоҳи бу дунёда кам бўлманг...
— Менга қандай сирни очмоқчи эдингиз?
— Қори аканинг ўлимларида айбим йўқ. Чойни менга уйинг куйгур имом-домлангизнинг ўзи дамлаб берган эди.

Сабоҳиддин сесканиб кетди.
— Султонмурод аками?
— Ҳа, ўзингизнинг тақсирингиз. Сиз ҳали кўп гаплардан бехабарсиз. Эҳтиёт бўлинг. Илондан қўрқмасангиз-қўрқманг, аммо булардан ҳайиқинг. Агар керак бўлмай қолсангиз, сизни ҳам қорига ўхшаб...
— Очмоқчи бўлган сирингиз шуми?
— Ҳа, шу, сиздан фақат бир ўтинчим бор?
— Айтинг.
— Менинг куним битганга ўхшайди. Ташқарида турган икки кишини танийсиз-а? Шуларни тезроқ бу ердан чиқариб юборинг.
— Нимага?
— Бизни бу ерга акангиз юборган эдилар.
— Акам?
— Ҳа, базмларни қизитган бўлиб, шўроларга маълумот йиғиб беришади. Худо хайрингизни берсин, уларнинг кетишига ёрдам қилинг.
— Норхўжа ўрнига Аҳмад девни ташлаб кетган. Унга айтиб кўраман.

Сожида бу гапни эшитиб, аянч билан жилмайди.
— Девдан марҳамат кутгунча кофирдан имон кутинг.
— Хотиржам бўлинг, учовларингизни кузатиб қўяман. — Сабоҳиддин шундай деб ўрнидан турди.
— Муллака, яна бир гапни айтиб кетай: мен акангиз олдида покиза эдим. Отга вақтида ем ташламаганим учун аччиқ устида талоқ қилган эдилар. От деса ҳамма нарсадан кечадиган бўлиб қолган эдилар, эслайсизми? Кейин бўзахўрликка ҳам майл қўйдилар. Талоқ хатимни берганларидан кейин, мени бузуққа чиқариб, ўзларини оқламоқчи бўлдилар. Ишонмасангиз ўзларидан сўранг. Умрим қисқа бўлмаганида сирни ўзим билан олиб кетардим. Яна орқамдан ёмон ўйлар билан ёдламанг, деб айтдим. Рози бўлинг... Мен сизлардан — розиман...

Сожида кейинги гапларни йиғламсираб айтди. Сабоҳиддин нима дейишини билмай ташқарига чиқди.
— Тақсир, — деди буқоқ унинг йўлини тўсиб, — биз кетадиган бўлсак, ўзимизни эплаймиз, омма бу жувонга қийин. Ўрис табиблар кўрмаса, нобуд бўлади. Шу бугуноқ жўнатишнинг имконини топинг.
— Яхши, тайёр туринглар.

Сабоҳиддин шундай деб тўғри оқ ўтов томонга юрди. Норхўжа кетгандан кейин Аҳмад дев шу ерни эгаллаб олган, Сабоҳиддин кирганда у бўзанинг кучидан маст бўлиб ўтирган эди.
— Ҳа, мулла йигит, келсинлар, — деди у жойидан жилмай.
— Ҳозир яллачиларнинг ўтовига кирган эдим.
— Хўш!
— Сожиданинг жони ҳалқумига келиб қолибди...
— Мен нима қилай, жонини қайтарайми? — Дев бўза қуйиб симирди-да, оёқларини узатиб ёнбошлади.
— Агар омонатини топширса, ким ғассол бўлади?
— Сиз! — Аҳмад дев шундай деб хахолаб кулди. Кейин хиқичоқ тутиб кулгидан тўхтади.
— Уни уйига жўнатиш керак.
— Мумкин эмас, қўрбоши қайтгунча қумурсқа ҳам жойидан жилмайди. Сиз ҳам, мулла, — Аҳмад дев кейинги сўзларни ғудраниб айтди-да, бошини ёстиққа қўйди. Сабоҳиддин энди тураман деганда у: «Шилпиқ!» деб бақирди.

Ўтов оғзида соқчилик қилиб турувчи тўладан келган хунук одам ичкарига мўралади. Девнинг ухлаб қолганини кўриб, Сабоҳиддинга савол назари билан қаради.
— Нимага чақирдилар? Бўза келтирайми?
— Арава тайёрлаб, анави яллачиларни йўлга солиб юборар экансиз.
— Ие, кўнгилхушлик нима бўлади?
— Биродарларимизнинг қони тўкилаётган маҳалда кўнгилхушлигингиз нимаси?
— Узр, тақсир, тилимдан бехос учди.

Шилпиқ одам беўхшов таъзим қилиб чиқди. Сабоҳиддин хаёлига келган бехос фикрдан мамнун бўлиб ўтовига қараб кетди.

Эртасига кўзлари қизарган Аҳмад девнинг ўзи унинг ўтовига кириб келди.
— Бу қанақаси бўлди, мулла йигит? Яллачиларни нимага қўйиб юбордингиз?
— Менми?
— Ҳа, сиз! Шилпиқ!
— Лаббай бегим.
— Шу одам айтдими?
— Ҳа.
— Эшитдингизми?
— Бўзахўрлик эплаган одамга ярашади. Агар хушингиздан айрилган бўлсангиз, қўрбоши келганда маълум қилиб қўяй. «Айтинг, бажарсин», деб уни чақирган ўзингиз-ку? Сизни мен чақирдимми, ё бу кишими?
— Бегим ўзингиз чақирдингиз.

Шилпиқ шундай дейиши билан Аҳмад дев унинг юзига шапати тортиб юборди. Кейин сўкинди-да, чиқиб кетди.

Ўша куни шомга яқин қор ёға бошлади. Дарахтларнинг заъфарон барглари гўё кафт ёйиб, қорларни тутиб оларди. Лекин аллақачон жон томиридан узилган бу баргларга қор узоқ қўниб турмайди. Уларни титратиб пастга сирғалиб тушади. «Қор ернинг ғуборини беркитмоқчи бўлади. Одамлар эса турли баҳоналар билан гуноҳларини яширмоққа интиладилар. Аммо қор эриб, ернинг қора юзи кўрингани каби ҳақиқат қуёшининг чеҳраси очилганда, уларнинг гуноҳлари аён бўлади-ку! Нима учун буни ўйламас эканлар? Мана шу Аҳмад дев гуноҳлари ошкор этилгач, одамларнинг юзига қандай қарар экан?»

Сабоҳиддин биринчи қорни шу хаёллар билан кутиб олди.

Орадан кунлар ўтаверди.

Норхўжадан ярим ой дарак бўлмади. Аҳмад дев йигитларни олиб икки марта пастдаги қишлоқлардан озиқ-овқат ғамлаб келди. Қор тизза бўйи бўлганда Норхўжа бекларини олиб қайтди. Лашкарларнинг ярмидан кўпи йўқлиги, қўрбошининг киртайган кўзлари, маъюс чеҳраси уларнинг мағлуб қайтаётганини ошкор қилиб турар, ҳол-аҳвол суриштириш ортиқча эди. Зеро, Сабоҳиддин бунга эҳтиёж сезмади. У Сожида айтган сўзлардан сўнг Норхўжанинг мақсади ҳақида кўп бош қотирди. Норхўжа нима мақсадда уни ушлаб турибди? Қорини нима учун аввал уйлантириб, кейин ўлдирди? Гуноҳни синглисига ағдариш, кейин қизга шафқат кўрсатиб, эвазига Сабоҳиддинни бурундуқлаш учунми? Бунчалик хатти-ҳаракатнинг боиси нима? Норхўжа уни фақат ваъз айттириш учун ушлаб тургани йўқдир?

Сабоҳиддин эртами-кечми Норхўжа мақсадини аён қилажагини билар, шу сабабли унинг қайтишини сабрсизлик билан кутарди. Ибодатларида Худога нола қилиб, акасининг гуноҳларини сўрарди. Чунки унинг тахминича, акаси бу пайтда Наманганда ҳам бўлиши мумкин эди.

Норхўжанинг ҳузурига Сабоҳиддин ҳол сўрагани эмас, мажбур бўлгани учун кирди. Қўрбошининг гапиришга ҳам ҳуши йўқ эди. Сабоҳиддин ундан фақатгина: «Сиҳатингиз яхшими?» деб сўради.
— Алҳамдулиллоҳ, — деди Норхўжа. Кейин жим қолди. Дам ўтмай Сабоҳиддинга қараб сўз бошлади:— Тангри бизнинг дуоларимизни инобатга олмади. Наманганни бизга раво кўрмади. Шаҳарга киролмадик.
— Худо хоҳласа...
— Йўқ, Худо хоҳламайди. Тўрангизнинг қилаётган ишлари тоат-ибодатларимизни елга совуряпти.
— Нимага, тақсир?
— У ўрислар билан тил бириктирган.
— Шўролар биланми?
— Йўқ, оқпошшонинг одамлари билан. Эртага қўйлар сўйиб, хайри-худойи қиламиз. Шунча бало-қазодан асраган эгамга минг қатла шукр. — Норхўжанинг бу сўзлари «гап тамом» дегани эди. Сабоҳиддин буни сезса ҳам ўрнидан жилмади.
— Менга гапингиз борми? — деб сўради қўрбоши унинг қимирламаётганини кўриб.
— Ҳа, тақсир, бир нарсага фикрим ожизлик қилиб қолди.
— Нимага?
— Қароргоҳингизга келганимдан бери қирқ кун ўтди. Аммо бу ерда бўлишимнинг боисини билолмай гарангман.
— Гарангсираманг. Ўз ишингиз билан машғулсиз-ку?
— Мен бу ёқларга жиҳод истаб келиб эдим. Сиз эса... мени фақат тоат-ибодат ва ваъз учун ушлаб турмагандирсиз?

Норхўжа Сабоҳиддиннинг ниятини англади. Бир оз ўйга толди.
— Сиз айтган ваъздан сўнг лашкарларнинг бир кучига ўн куч қўшилади. Сизнинг жиҳодингиз шу. Буни фаҳмлашингиз керак эди. Қолганини бизларга қўйиб беринг. Сизга ижозат.

Сабоҳиддин таъзим қилиб чиқиб кетишга чоғланди.
— Тўхтанг, ўтира туринг, — Норхўжа шундай деб ўрнидан турди-да, ташқарига чиқди. Соқчига «Ҳеч ким ўтовнинг яқинига йўламасин», деб буюриб ичкарига қайтди. — Менинг бир режам бор эди. Наманганни олган тақдиримда бу режамдан воз кечардим. Энди уни амалга оширишга мажбурман. Бу ишни сиз бошлаб берасиз... Тоғларга чиқиб келганимга икки йил бўляпти. Ҳали унга-ҳали бунга қўшилиб юриш ҳалқумимга келди. Бир ёқда Муҳиддин, бир ёқда Шермат, яна бир ёқда Эргаш, Ҳамдам, Исмонқул... Э, саноғи йўқ бу қизиғарларнинг. Бири бирининг ўлимини пойлайди. Уларнинг бошини бирлаштиришнинг биргина йўли бор. Фарғонада маҳди пайдо бўлиши керак.
— Маҳди?
— Ҳа, маҳди. Қўрбошилар амиралмуслиминга зоҳиран бўйин эгсалар-да, ботинан кўрарга кўзлари йўқ. Ҳали Фарғона ғайридинлардан тозаланмай туриб тахт талашишади. Маҳди пайдо бўлса, улар мажбуран бўйин эгадилар. Чунки лашкарлар энди маҳдининг этагини тутадилар... Режа маъқулми?
— Маъқулликка маъқул... Аммо маҳдини Тангрининг ўзи юборади. Биз уни чорлаганимиз билан Оллоҳнинг истаги...
— Ўз амрини бажараётган лашкарлардан Оллоҳ марҳаматини аяйди, деб сизга ким айтди? Гўл бўлманг, мулла. Ғанимни мағлуб этиш учун ҳийла ҳам ишлатиш керак. Ҳийла ёлғонсиз ўтмайди. Ғалаба бизга ёр бўлгач, Оллоҳ гуноҳларимиздан кечади. Сиз эртагаёқ қишлоғингизга қайтасиз. Масжидда тухум босиб ўтирмай, қишлоқма-қишлоқ юриб ваъз айтинг. Мусулмонларни жиҳодга чорланг. Ора-сира бир туш кўрганингизни, Худо хоҳласа, юртимизга маҳди келажагини айтинг. Баҳорга қадар қиладиган ишингиз шу. Ақлли кишининг тили ҳадеб тиш ҳатламайди. Сиз ақлли одамсиз.
— Демак, қўрбошилардан бири махди1, деб эълон қилинадими?
— Ҳа.
— Ким?
— Бу ёлғиз Оллоҳнинг ўзигагина маълум.

Гарчи Норхўжа шундай деб мақсадини яширган бўлса-да, Сабоҳиддин бўлажак маҳдининг ким эканлигини англади.

Сабоҳиддин Холиқберди тўра билан биринчи учрашувдаёқ очиқ фикрлаша олган эди. Норхўжа билан анча фурсатдан буён бирга бўлса-да, у билан эркин суҳбатлашишга журъат этолмасди. Қўрбошининг андак қўпол муомаласи, чўрткесарлиги Сабоҳиддинни чеклаб қўйган эди. Бу сафар ҳам қўрбошининг орзуси аҳмақона эканини билса-да, «тушунтиришга уриниш бефойда», деган ўйда тилини тийди.

Қўрбоши ҳузуридан чиққач ҳам унинг режасини ўйлаб, боши қотди: «Нобоп одам, деб юрсам, қип-қизил телбага ўхшайди-ку? Бу фикрни унга ким берди экан? Ҳар ҳолда қори домламдан бунақа бемаъни маслаҳат чиқмасди. Куракда турмайдиган бу ақлни Султонмурод домламиз ўргатгандирлар. Маҳдилик ғояси шиа мазҳабида туғилганини мендан бошқалар ҳам билар. Мен даъват этсам, қўрбошига қўшиб мени ҳам телбага чиқаришмасмикин? Тарихда Саййид Али Муҳаммад деган зотнинг ўзини маҳди, деб эълон қилгани, оқибат Эрон шохи томонидан Табризда қатл этилганини айтсам, қулоғига олармикин? Йўқ, бу гапни эшитиб, фикр қилғувчилардан эмас бу одам. Ўртада мен иснодга қоладиганга ўхшайман...»

Эртасига у қишлоққа қайтди.

Уйда акасини кўриб, Худога шукр, деб қўйди. Жамолиддин у билан совуқроқ кўришди. Машҳура билан онаси бошқа уйга чиқишгач, ака-ука ёлғиз қолди.
— Норхўжа нима учун мени қўйиб юборди? — деди Жамолиддин тик турганича.
— Ака, бесабр бўлманг, ўтиринг, бафуржа гаплашайлик.
— Фақат илтимос қилганингни айтма. Қўрбошининг бошқа нияти бўлиши керак.
— Мен уларнинг режасини тузук англай олмадим. Аммо бўлак режаси борлигини юрагим сезиб турибди.
— Дуруст... Машҳурани нима учун куёвга бердинг?
— Ахир...
— Ҳеч ким билмайди, деб ўйладингми?
— Мажбур эдим. Қўлимдан нима келарди? — Сабоҳиддин бўлган воқеаларни бирма-бир айтиб берди. Бироқ, қотилликда қўрбоши билан Султонмуроднинг қўли борлигини яширди.
— Қўрқоқ, бошингга рўмол ўраб юр энди!
— Ака, ундай деманг, мен фақат... Худодан қўрқаман.
— Ҳа, ана энди ўзингга келдинг. «Худодан қўрқасан!» Худонинг севимли бандалари эса ор-номусингни истаганча эрмак қилади. Сен чидайсан. Чидашга мажбурсан. Чунки тепангда Худо бор. Худонинг қиладиган иши йўқ. Нигоҳини фақат сенга тикиб олган. Ҳар қадамингни ўлчайди.
— Ака, ҳаммамиз мусулмон фарзандларимиз, у қадар ёмон гапларни айтманг.
— Шаккоклик қилманг, дегин... Қайтишингда Норхўжани кўрдингми?
— Кўрдим.
— Қанча аскар билан қайтди?
— Билмайман, бундай гапларни мендан сўраманг. Билган тақдиримда ҳам айтмас эдим. Мен айғоқчи эмасман.
— У ҳолда сен билан гаплашиб ўтирмасам ҳам бўлади.

Сабоҳиддин бошини эгди-ю, «Акам шаштидан тушиб қолар», деган умидда сукут сақлади. Жамолиддин ҳам ҳозирги аҳдида қатъий қолиб, гапирмади. Шунда Сабоҳиддин бошини кўтариб акасига қаради-да, маъюслик билан сўз бошлади:
— Ака, сизга ақл ўргатишга ҳаққим йўқдир... Лекин бир гапни айтиш мен учун фарз: Оллоҳ сизга ҳидоят берсин, иймонга қайтинг.
— Бекорчи гапларни гапириб, бошимни оғритма,— деди Жамолиддин кескин тарзда.
— Ака, — бу сафар Сабоҳиддин ўзи кутмаган ҳолда йиғламсиради, — иймонга қайтинг..
— Бас қил, дедим...
— Иймонга қайтинг, ака, охиратингизни куйдирманг. Бир онадан туғилиб, у дунёда айри-айри бўлмайлик.

Жамолиддин «Ростдан йиғлаяптими ё хийла қиляптими?» деган ўйда укасига тикилди. Кейин аввалгидан сал юмшоқроқ оҳангда:
— Мен тўғри йўлимни танлаганман. Биз қурадиган жамиятда Худо деган гап бўлмайди, — деди.
— Ака, Худосиз жамият яшай олмайди, — деди Сабоҳиддин.
— Шундай яшасинки, ўзинг қойил қолгин. Ҳали кўриб турасан. Бу боши бузуқ босмачиларни тинчитиб олайлик, кейин сенга ўхшаганлар билан ҳам шуғулланамиз. сен менга ақл ўргатмагину ўша пайт келгунича эсингни йиғиб ол, бола.

Бу гаплардан сўнг Сабоҳиддин жим бўлди-ю, дардини ичига ютди.

Кечаси сандалнинг икки томонини эгаллаган ака-ука гўё дарёнинг икки соҳилида қалтираб ётгандай эдилар. Сандалнинг ўтхонасидаги чўғ уларни гўё иситмас, оёқлар гўё дарёнинг музлай бошлаган сувида зириллаётгандай эди.

Сабоҳиддин тонгга қадар Худодан акасига ҳидоят тилади.

Жамолиддин укасини қандай қилиб тўғри йўлга солиш мумкинлигини ўйлади...

Жамолиддин эртасига кетди. Қайтар маҳали укасига: «Қишлоқдан жила кўрма», деб тайинлади. Бошқа сўз айтмади...

Ўрта Вагон

Рҳақ ҳаракатсиз ётган Девонага қараб туриб қолди.

Ерликлар орасида олчоқ, малъун одамлар борлигини у аввалги сафари чоғида айтарли сезмаган экан. Рҳақ одамларнинг қалб ғалаёнларини, қайғуларини вужудларида яшира олишларини билганда уларга нисбатан бўлган меҳри янада ортган эди. Сабоҳиддин хотирасида уйғонаётган воқеалар, шунингдек, унда-бунда учрайдиган ҳийлагарлар унинг руҳини чўктирди. Ораларида бундай маккорнинг борлигига одамлар кўникиб қолганлар. Ҳамиша улардан эҳтиёт бўлишга уринадилар, ҳатто ботиний таҳликада ҳам яшайдилар. Нима учундир ҳийла соҳибларини, қалбан пароканда одамларни фош қилишга журъат этолмайдилар. Ахир ҳаёт шундай давом этаверса, бундай малъунларнинг сафи кенгаяверади-ку. Улар турли кўринишларда илдиз отиб, охир-оқибат сайёрани ҳалокат ёқасига олиб келмайдиларми? Илгари амир ёмон эди. Бой, босмачи ёмон эди. Қанча қон тўкиб, уларни маҳв этдилар. Одамлар нима учун ёмонларга бефарқлар? Агар Рҳақ буларни илгарироқ фаҳмлаб, кундалигида зикр этган тақдирда, Лукннинг қарашлари тўла маъқул этилиб, Ер хусусидаги баҳсга ўрин қолмаган бўларди.

Рҳақ ўзини ўзи саволга кўмиб, яна жавоб изларди. Жавобни унга Асқарали, Дилмурод, Ақида, Рҳақ ҳали ўзи кўрмаган Асқаралининг ўғли билан профессор Раззоқов берарди. Рҳақ узоқни кўра билиш хусусияти билан уларнинг келажагига ишонарди...
— Шопўлат акамиз ҳали ҳам ухлаяптиларми? — эшикдан кириб келган Дилмурод шундай деб Рҳақ-Мирзавойнинг хаёлини тўзитиб юборди. Кейин тўғри ичкари кирди-да, Девонанинг билак томирини ушлади. — Қани, Шопўлат ака, туринг энди, ётавериб белингиз қотиб кетгандир.

Девона ярқ этиб кўзларини очди. Дилмуродни биринчи кўраётгандек унга бошдан-оёқ разм солди. Кейин қаддини аста тиклади. Чарм қопланган тахта сўрида, оёғини осилтириб ўтирди. Сўнг эски калишини кийди-да, ҳорғин бир аҳволда уйдан чиқди. Дераза олдида турган Рҳаққа ҳам бургут қараш қилди-да, кўча эшиги томон юрди.
— Сезяпсизми? — деди Дилмурод қувноқ бир оҳангда. — Яна икки марта муолажа қилсак, эсини йиғиб олади. Энди бунга тўла аминман.
— Кейин-чи?
— Нима кейин? — Дилмурод Рҳаққа ҳайрон бўлиб қаради. — Одамларга қўшилиб яшайверади. Балки уй-жой қилар...
— Унинг жинни бўлганини қишлоқдагилар унутади деб ўйлайсизми?

Дилмурод хаёлга толди.

Раис шифохонада Сабохон қиладиган иш йўқ экан, деб уни идорага олди. Идорада иш кўпмиди, ё ўзининг келгиси келмадими, ҳар ҳолда Сабохон шифохонага йўламай қўйди. Дилмурод бунга эътибор бермади. Рҳақ Сабохоннинг нима учун келмай қўйганини билса ҳам, ўзини билмаганга олиб юраверди. Бу орада Дилмурод раиснинг буйруғи билан тоққа, чўпонлар олдига чиқиб кетди. Эртаси куни, кутилмаганда, шифохонага Сабохон кириб келди. Рҳақ уни илиқ қаршилаб, ўтиришга таклиф қилди.
— Йўқ, раҳмат, тезда қайтишим керак, — деди Сабохон бир оз гапидан тутилиб.
— Оловга келган экансиз-да?
— Сизни раис чақиряпти.
— Ҳозир борайми?
— Ҳа, кутиб ўтиришибди.

Рҳақ Сабохон билан кўчага чиқди. Унинг гапларига жувон баъзан жавоб қилмас, баъзан «ҳа» ёки «йўқ» деб қўя қоларди. Рҳақ бундан ажабланди.

Раиснинг хонасида ўтирган йигитни дарров таниди. У билан икки ой бурун раён марказида тасодифан кўришган эди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасида ишловчи бу йигит Дилмуроднинг курсдоши экан. Дилмуродга айтганда, у қўл силтаб қўя қолган эди. Дилмурод уни хуш кўрмас, ҳар нарсадан ҳадиксировчи, ўзини четга олиб юрувчи, «сен менга тегма, мен сенга» қабилидаги ҳаётни афзал билувчи бу йигитдан ҳатто нафратланар экан. Анвар шаҳарда ҳаммавақт трамвайнинг иккинчи вагонида юраркан. Биринчиси билан учинчиси издан чиқиши мумкин, ўртадагиси хавфсиз, деб ҳисобларкан...
— Салом Дон Жуан, аҳвол қалай? — деди Анвар совуқроқ оҳангда.

Рҳақ бу гапни эшитиб ғижинса ҳам сир бой бермади.
— Энди мақсадга кўчсак ҳам бўлади, — деди Анвар расмий тарзда.
— Аввал бир пиёла чой... — деди раис.
— Чойни кейин, бафуржа ичармиз. Хўш... — Анвар бақалоқ портфелидан қоғоз чиқарди. — Бизга бир хат тушди. Шуни аниқлагани келганман. — У қоғозни раисга узатди. — Сиз юборганмисиз?

Раис қоғозга астойдил қаради.
— Штампаси бизди колхозники, — деди. Сўнг ҳиж ўқий бошлади. Мирзавойнинг Сабохон билан «ошиқ-маъшуқлиги», жувоннинг шифохонадан кетиб қолиши ҳақидаги жумлани ўқиб бўлгач, Анварга савол назари билан қаради.
— Меҳмон буни қайдан олдингиз? Тоза ғийбат қилибди-ку? Сабохонни ўзимиз чақириб олганмиз. Ана, ўзидан сўраймиз.
— Охиригача ўқинг.

Раис «хўп», деб хатни охиригача ўқиб чиқди.
— Йў-ўқ, — деди у хатни қайтариб берар экан.— Буни мен ёзмаганман. Қўл меники эмас. Мен юборадиган хатларимга юмалоқ муҳр босаман. Бунинг муҳри ҳам йўқ. Биров номимни сотибди.
— Штамп-чи?
— Штампа — ҳисоб эмас. Юмалоқ муҳр ҳисоб.
— Хатдаги гаплар тўғрими?
— Тўғри ҳам деёлмайман, нотўғри ҳам. Дўхтиримизнинг чакки қадам қўйганини шу топгача эшитганим йўқ.
— Сўққабош эканлар. Сиз эшитмаган бўлсангиз...
— Мен эшитмаган бўлсам, демак, дўхтиримиз суюқлик қилмаган. Хатингизга қараганда, улар ошиқ-мошиқ эмиш. Бе, қишлоқда шундоқ юриб бўладими? Сиз бир қизга учта гап айтаман деб, оғиз жуфтланг, бир сўзингизни тугатмай нима деганингиз қишлоққа маълум бўлади. Ўйнаш тутиш катта шаҳарда ярашади. Бу ерда ҳар қадамингиз ўлчоғлик. Агар текширгани келган бўлсангиз, Сабонинг ўзидан сўранг, қўйинг. Гап қишлоққа ёйилмасин. Ёлғон гапни чинга айлантириб юборадиганлар бор. Сабохон! — раис шундай деб ўтирган еридан бақириб чақирди. — Баққа бир қаранг.

Сабохон кирди. Анвар унга хатни узатди. Сабохоннинг ранги бўзарди. Рҳақ хат ушлаган бармоқларнинг қалтираганини сезди. Сабохон хатга тикилиб турар, аммо ўқимасди. Рҳақ буни ҳам пайқади. Раис билан Анварга қаради: Мамарайим чарм креслосига ястаниб ўтирибди. Анвар стол устидаги китобчани варақлаяпти...

Сабохон хатни узатди.
— Ҳаммасини ўқидингизми? — деб сўради Анвар.
— Ҳа.
— Гаплар ростми?
— Йўқ.
— Буни ким ёзган бўлиши мумкин?
— Невлай?
— Штамп сизда турадими?
— Йўқ, раисда.
— Унда...
— Штампа менда туради, меҳмон. Мен беш-ўн варақ қоғозга уриб бераман. Вақт-бемаҳалда мен йўғимда испропкага керак бўлиб қолади. Бу қоғозлар стол устида туради. Битта-яримта олгандир-да. Энди, Сабохон, қоғозларни беркитиб юринг. Одамларга ишониб ҳам бўлмайди.
— Энди нима қиламиз? — деди Анвар, раиснинг сўзини шарт бўлиб.
— Нима қилардингиз? Туҳмат экан, деб борасиз. Дўхтиримиз яхши ишлаяптилар.
— Шу гапларингизни ёзиб беролмайсизми?
— Керак бўлса, хат ҳам қиламиз. Сабохон, ёзиб туринг, биз чой-пой ичиб олайлик.

Тамаддидан сўнг Анварнинг истаги билан шифохонага боришди. Шамол хазонларни гала-гала қилиб учириб юрарди. Эшикларнинг ланг очиқлигини кўриб, Рҳақ ҳайрон бўлди. Шошиб ичкарига кирди: ТЭТнинг ғилофи очилган, симлар эса узилиб ётарди. Рҳақ бу манзарани кўриб, остонада қотиб қолди. Сўнг ТЭТга яқинлашиб, синчиклаб кузатди.
— Нима бу? — деди Анвар ичкарига кириб.
— Дилмуроднинг асбоблари.
— ТЭТми?
— Эшитганмисиз?
— Ҳа. Озгина ишлаб душман орттириб олганга ўхшайсизлар.
— Бу душманнинг иши эмас. Душман бўлганда фақат симларни узмай, ТЭТни пачақлаб ташларди. Қолаверса, душман сизга эмас, бошқа ерга, бўлак мазмунда хат ёзарди.
— Булар дўстнинг иши экан-да?
— Йўқ, дўст эмас. Аммо душман ҳам эмас.
— Мен хатни ёзган одамни аниқлаб кетсам бўларди.
— Қишлоқда гап кўпаяди. Энг муҳимини аниқладингиз-ку, бўлар.

Анвар узоқ турмади. Юк машинасига ўтириб, изига қайтди.

Рҳақ бўлиб ўтган воқеадан таажжубга тушиб қолган эди. Сабохоннинг фикрини ўқий олгани билан, унинг ҳаракатларига тушуниб ета олмади.

Бунинг устига ТЭТ... Бу Сабоҳиддиннинг иши. Хотиралари тикланяпти. Вужудида ғалаён уйғоняти. Энди ўйлаб иш юритиш керак. Буни Рҳақ Дилмуродга қандай тушунтиради?

ТЭТнинг узилган симларини созлаш учун ўтирганда эшик олдида Сабохон кўринди. Рҳақ: «Келинг», деб қўйиб ўз иши билан машғул бўлди. Сабохон ичкарига бир қадам қўйганича тураверди. «Киринг, ўтиринг», деди Рҳақ унга бир қараб олиб.
— Йўқ, кетаман, — деди Сабохон. Рҳақ индамади.— Сизга бир гап айтмоқчийдим.
— Нима демоқчилигингизни биламан.
— Билмайсиз.
— Нимага энди, биламан, — Рҳақ ўрнидан туриб, Сабохонга яқин келди. — Хатни сиз ёзгансиз.
— Йўқ.
— Сиз айтиб тургансиз, бошқа одам ёзган. Ҳар ҳолда хатнинг мазмуни сизга таниш эди. Қўлингиз титрашидан сезганман. Уни тузукроқ ўқимадингиз ҳам, тўғрими?

Сабохон қўллари билан юзини тўсиб олди. Тескари қаради. Елкалари силкинди.
— Нимага йиғлаяпсиз?
— Сиз ҳеч нарсани билмайсиз! — деди Сабохон шашт билан ўгирилиб. Кўз ёши ёноғида из қолдириб пастга томди. — Нима учун шундай қилганимни биласизми?
— Балки раис...
— Раис! Йўқ. Ўзим қилдим бу ишни.
— Сабохон, ўзингизни босинг. Айбим бўлса, юзимга айтинг.
— Айб? Йўқ, сиз бегуноҳ фариштасиз. Сиз... сиз... ҳеч нимани сезмайсиз!
— Нимани сезишим керак?

Рҳақ Сабохоннинг ёш тўла кўзларига қараб, юраги ўртаниб кетди. Воқеа энди ойдинлаша бошлаган эди. Дарвоқе, у Сабохоннинг сирли қарашларини сезарди. Лекин бу қарашларга қандай жавоб беришни, ўзини қандай тутишни билмасди.
— Ахир, сизни кетинг, деб шу ишларни қилдим.
— «Кетинг» деб?
— Ҳа... Мени... қийнаманг, кетинг бу ердан!

Сабохон шундай деб ҳўнграб юборди. Бошини Рҳақнинг елкасига қўйди.

Кутилмаганда Рҳақнинг бағрига илиқлик югурди. Жувоннинг илиқ нафаси елкасини куйдиргандай бўлди. Вужудида ғалати ҳис уйғонди. Ғалати ҳис... Эслади! Хотини билан илк бор қовушганда шу ҳолга тушган эди. Ажаб!!! Генетик код асосида ерлик қиёфасига кирадиган танглик бундай ҳислардан маҳрум этилар эди-ку? Қаердан келди бу ҳис? Жувон унинг елкасига бош қўйиб турибди... Рҳақ эса саволига жавоб топа олмайди. Аксинча, бадани қизиб, майлини янгидан уйғонган ҳисларга топшира бошлаганини ўзи ҳам сезмай қолди; жувонни маҳкам қучоқлаб, ўпа кетди. Сабохон қаршилик кўрсатмай йиғлар, Рҳақ эса ўзини тамом унутиб, жувонни бағрига тобора қаттиқроқ босарди. Қўллари бежо ҳаракат қила бошлагач, Сабохон уни итариб юборди. Шундагина Рҳақ ўзига келиб, ҳансираганча унга тикилиб қолди.
— Сабохон...
— Йўқ! Яқинлашманг! Сиз... ёмон одам экансиз...
— Сабохон!
— Номусдан ўлдирасиз мени...
— Сабохон, ахир ўзингиз...
— Ўзим... ўзим аҳмоқман... Бу ердан кетинг, ўтинаман. Бўлмаса... мен кетай. Сизни кўрсам... мени гуноҳга қўйманг. Энди сизга ишонмайман. Сиздан қўрқаман.

Сабохон шундай деб чиқиб кетди.

Рҳақ: «Э, аҳмоқ калла!» деб ўзини ўзи койиганча, юраги сиқилиб ўтирди. Энди у ҳамиша эҳтиёт бўлиб юрган дардга чалинганига — ерликлар туйғуси вужудига бутунлай сингганига амин эди.

Рҳақ ўзини овутиш учун узилган симларни улади. Оқшомга яқин Дилмурод қайтди. Унинг илтимоси билан Девонани топиб келди.

Девона чарм қопланган тахта сўрига итоаткорлик билан ётди. Аммо муолажа яримлаганда титрай бошлади. Дилмурод буни сезиб асбобни ўчирди. Девона шу заҳотиёқ ўрнидан туриб кетди.
— Қонхўр! — деб бақирди у бор овози билан. — Ўлдираман! — у атрофига аланглаб бир нарса излади.— Ўлдираман! — деб бақирди яна. Рҳақ вазиятни тушуниб, унга кўзларини қадади-да, фикран буйруқ берди. Девона юзини кафтлари билан тўсиб сўрига ўтирди. Дилмурод ҳар эҳтимолга қарши тайёр қилиб қўйган тинчлантирувчи дорини олиб, уни эм игнаси билан Девонанинг билагига юборгач, елкасидан ушлаб ётқизди.

Девона уйқуга кетди. Рҳақ воқеа ойдин бўлгани учун ташқарига чиқди. Дилмурод эса гарангсиб, Девонага тикилганча ўтириб қолди.

Қочоқлар

Бу қиш Новқат атрофларига қор қалин тушди. Совуқ ҳамма ерни қақшатиб юборди. Барча баҳорни интиқлик билан кутар, аммо табиатнинг илиқ нафаси ҳадеганда сезилмас эди.

Сандалнинг тафти пасайгани учун Сабоҳиддиннинг эти жунжикиб уйғонди. Лекин ўрнидан туришга, кул босган чўғни титиб қўйишга эринди. Булут тарқаб, ҳаво очилибди — ой нури қор зарраларида ялтирайди. Итдан ҳам совуқ ўтганми, инида ётганча ғингшийди. Сабоҳиддиннинг кўзи яна илинди. Босинқиради. Тушига Сожида билан Маъмурбойвачча кирибди. Иккови ҳам қонга беланган. Сабоҳиддинга хунук тикилишади. Индашмайди. Сабоҳиддин калима келтирса ҳам жойларидан жилишмайди. Тирноқлари орасидан чак-чак қон томади. Қон, қоп-қора қон... Ер уни шиммайди. Худди лағча чўғ устига сув томчиси тушиб, жизғанак бўлгани каби улардан томган қон ҳам ер устида оловланиб туради-да, сўнг тошга айланади. Бирпасда уларнинг тиззасигача тош бўлиб кетди. Кейин Сожида тошларни олиб, Сабоҳиддинга отди. Сабоҳиддин қочишга ҳаракат қилди. Лекин илдамлашга қанча уринмасин, оғир оёқларини судрай олмади.

Шу пайт ит қаттиқ ҳуриб, уни уйғотиб юборди. Кимдир қорни ғирчиллатиб босиб келиб, уйга яқинлашди. Айвон устунига қамчин дастаси билан аста уриб, тақиллатди.
— Ким? — деди Сабоҳиддин уйқу аралаш.
— Тақсир, отланинг, бегим йўқлаяптилар сизни, — деди кутилмаган меҳмон паст овоз билан.
— Нима учун? Тинчликми?
—Тинчлик. Тез бўлинг. Вақт ғанимат.

Ичкари уйдан Соҳиба аянинг овози келди. Сабоҳиддин ўша томонга ўтди. Онаси билан синглисини тинчлантириб, хайр-хўшлашиб, тўрвани елкасига ташлади-да, ташқарига чиқди. Сабоҳиддин учун ҳам от келтиришган экан, катта довон сари йўлга тушдилар. Кеча яримлаган, чароғон юлдузлар тўлин ой измига бўйсуниб, гўё ерга аёз уфурарди.

Тонг отди. Кун машаққатли йўл азоби билан ўтди.

Қароргоҳга шом қоронғисида етиб бордилар. Отлар ҳам хориди. Ўзлари ҳам ҳолдан тойдилар.

Сабоҳиддин отдан тушиб, оқ ўтов сари юрди. Қора чироқ ичкарини хира ёритиб турибди. Норхўжа ёнбошлаб, Аҳмад дев эса чордана қуриб олган. Ўртада дастурхон ёзиғлиқ. Норхўжа Сабоҳиддинни кўриб қўзғалди. Руҳияти ҳорғин бўлса-да, илиқ сўрашди.
— Тинч келдиларингми? — деди фотиҳадан сўнг.
— Алҳамдулиллоҳ. Довондан ўтишда бир оз уриниб қолдик чамаси.
— Илож қанча. Илгарилари бунақа пайтда эси бор одам довонга яқинлашмасди. Худо хоҳласа, яна ўша кунларга етиб қолармиз.
— Инша Оллоҳ. Кела-келгунча нима гап экан, деб хавотирда бўлдим.

Норхўжа мийиғида кулди.
— Сизни хийла азобга қўйибмиз-да. Хавотирли юмуш йўқ. Ҳамма иш жойида. Сизни бир қувончли хабардан огоҳ қилиб қўяй, деб йўқлатган эдим.
— У ҳолда, нур — аланнур, тақсир. Бу қулоқлар шодиёна хабарларга чанқоқ бўлиб қолди.
— Биз шўролар билан ярашишга аҳд қилдик. Ортиқча қон тўкмай, қуролларимизни уларнинг оёғи остига ташлаб, иссиқ уйимизда жон сақлайлик, деган ниятдамиз. Сиз бунга нима дейсиз?

Бундай гап Сабоҳиддиннинг етти ухлаб тушига кирмаган эди. Агар бирор мурда тирилиб келибди, дейилса, ишонарди. Аммо бу гапга... Ё Норхўжа синаяптими? Балки ростдир. Тушида қон кўрган эди. Қон ёруғлик дейдилар.
— Тақсир, сўзларингизни сал янглиш англадим шекилли?
— Назаримда айнан тушундингиз.
— Ё мени синамоқчи бўляптиларми?

Норхўжа кулиб юборди. Лекин Аҳмад девнинг юзида ўзгариш сезилмади. У чордана қурганича пиёладаги икки қултумгина чойни айлантириб, ўй сурарди. Гўё Сабоҳиддин билан қўрбошининг суҳбатлари қулоғига кирмаётган эди.
— Сизни синаб эсимни ебманми, мулла Сабоҳиддин, нафсиламрини айтяпман.
— Бу қадар осонлик билан бўйин эгиш...
— Номарднинг иши! Ҳа! Дев, эшитдингми, мулла ҳам шу фикрда. Лекин менинг қарорим қатъий. Холиқберди тўрага қўшилиб, болшавойларга таслим бўламан.

Сабоҳиддин нима дейишни билмади.
— Гап бундай, мулла Сабоҳиддин, тахминим тўғри чиқиб, тўранинг шўролар билан ярашиши аниқ бўлди. Тўртинчилар бизни айри-айри қилиб, бирма-бир янчиб чиқишлари мумкин. Кучимиз анчайин қирқилган. Шунинг учун ҳийла ишлатмасак бўлмайди. Бекларимнинг ичида бу ҳаётдан норози бўлиб юрганлар бор. Шуларни олиб Холиқберди билан бирга бўйин эгиб бораман. Қолган асл бекларимга Аҳмад дев бош бўлиб Шерматга қўшилади. Сиз ҳам мен билан бирга борасиз. Тўранинг мингдан зиёд бекларини ҳам Шерматга қўшишга улгурдик. Холиқберди таслим бўлгач, Шерматнинг пайига тушишади. Ана шунда биз хоин билан ҳисоб-китоб қиламиз.
— Таслимнинг боиси фақатгина ундан қасд олишми?
— Мени шу қадарли фаросатсиз, деб ўйлайсиз, чоғи-а, мулла Сабоҳиддин?
— Афв этинг, тақсир, менда сира бундай ўй бўлган эмас. Фақат мақсадингизни англаб етишга фикрим ожизлик қилиб қолди.
— Ҳар бир ишнинг вақт-соати бор. Худо хоҳласа, бирин-сирин барча ишлардан огоҳ бўлиб борасиз. Сизга ҳозир фақат бир нарсани айтиб қўяй: мен қўлимга қилич олганимда бўйнимга ўлимни ҳам олганман. Азроил, мен қаерда бўлмай, бир кунмас-бир кун жонимни олади. Мен Худодан бир нарсанигина сўрайман: мени шармандалик кафанига ўрамасин. Жағимни «хоин» деб танғишмасин. Шуни билиб қўйинг, мулла, агар биз бугун хоинлик қилсак, жон роҳатини ўйласак, эртага зурёдларимиз бизни лаънатлашади. Бизнигина эмас, «шу хезалакларни туққанга минг лаънат» деб оналаримизни ҳам қарғашади. Мен бунга йўл қўймайман. Сўнгги нафасим чиққунча олишаман. Тирноқларим кўчгунча тирнайман, тишларим емирилиб битгунча тишлайман. Мен учун бошқа йўл йўқ. Сиз учун ҳам! Буни фаҳм этинг, мулла! «Жиҳод» деган эдингиз. Ҳақиқий жиҳод ана энди бошланади.

Норхўжа чиройли сўзлар тизимини куюниб айтган бўлса-да, Сабоҳиддин унинг гапларига ишонгиси келмади. Суяги йўқ тил сайрайверар экан, дилда бир покизалик, бир чўғ бўлмаса жонсиз сўзлар тезгина ўлар экан. Сабоҳиддиннинг назарида қўрбошининг тилидан учган сўзлар акс-садо бермай, ўлаверди... ўлаверди...

Сабоҳиддин бу одамдан дурустроқ мужоҳид чиқишига ишонмасди. Унинг маҳди ҳақидаги гапларини ҳали унутмаганди. Гарчи бу телбаларча режасидан бошқа сўз очмаган бўлса-да, унинг қалбида ёвузлик қуши тухум босиб ётганини Сабоҳиддин ҳис қилиб турарди. Шу боис ҳам энди босилажак ҳар бир қадамидан эҳтиёт бўлиши жоизлигини англади. Сабоҳиддин қўрбошининг ғазабига учрашидан ёки ўлимдан чўчимасди. У ниятига етмай, бемақсад ўлим топишдан қўрқарди...

Уч кундан сўнг олти юздан зиёд отлиқ довон ошиб ўтиб, Шоҳимардон томон йўл олди.

Қуёшнинг ўлимтик нурларида сал ҳарорат сезилди. Адирларнинг этаклари мош-гуруч бўлиб қолди. Табиатнинг зириллатадиган қаҳри ўрнини дилхуш ҳаво эгаллай бошлади. Ана шундай бир дамда улар Холиқберди тўранинг лашкарларига қўшилиб, Искобил сари юрдилар. Пешиндан сўнг манзилга етишди. «Тартиб билан қатор саф тортилсин!» деган буйруқ бўлди. Сабоҳиддин лак-лак лашкарнинг бир ерга тўпланишини хаёлига келтирмаган эди. Саф қаердан бошланиб, қаерда тугаганини билиб бўлмайди. Ҳаммада милтиқ, елкаси оша ўқдон. Отлар учаман, деб турибди. «Норхўжанинг, орқаворатдан сўкингани билан, тўрамга бўйсунишида гап бор экан», деб ўйлади Сабоҳиддин.

Гузарда жонланиш сезилди. Бир гуруҳ отлиқ кириб келди.
— Ҳов анави олдинда келаётган Низомиддинхўжа дегани. Фрунзенинг ишончли одами экан. Акангизнинг улфати. Баччағар хўжа номига ҳам иснод келтирибди. Худо хоҳласа, хўжа бўлиб туғилганига ҳам пушаймон ейди.
— Тақсир, сиз ҳозир унга таслим бўляпсиз, — деди Сабоҳиддин овозини пастлатиб.
— Мулла, қўчқор зарб билан калла қўйиш учун орқага тисарилади, ҳеч кўрганмисиз?

Сабоҳиддин жавоб бермади. Саф олдида Холиқберди тўра пайдо бўлди. У оқ отда, жигарранг чакмон кийган, бошида қундуз телпак. Қўлидаги қилични ўйнатганча отини йўрттириб бориб, Фрунзенинг одамларига пешвоз чиқди. Нимадир деди. Лекин Сабоҳиддин унинг гапларини эшита олмади. Отлиқлар орасида акасини кўриб, юраги ҳаприқиб кетди. Кейин Холиқберди тўранинг аслаҳаларини ечиб, ерга қўйганини кўрди. Сўнг гузар ўртасида қуроллар уюми қад кўтара бошлади. Акаси бу уюм орқасида кўринмай кетди.

Норхўжа сулҳдан сўнг ҳам Сабоҳиддинга рухсат бермади. Сабоҳиддин Марғилон масжидидаги мутаваллининг уйида қўноқ бўлди...

... Ҳамал келди, амал келди. Сумалак қайнатиш учун дошқозонлар осилди. Марғилон атрофидагилар икки йиллик бесаранжомликдан сўнг эркинроқ нафас олиб наврўзни байрам қилишди. Сайлгоҳлар одамларга тўлди. Наврўзнинг биринчи куни Сабоҳиддинни акаси чақиртирди. Ҳарбий аслаҳаларини тақиб олган Жамолиддин укасининг саломига алик олмади. Отдан ҳам тушмади.
— Нимага қишлоққа кетмаяпсан?
— Наврўз ўтсин.
— Шу бугуноқ жўна. Қайтиб келганимда бу ерда қорангни кўрмай. Бўлмаса... Норхўжа қани?
— Яқин-атрофдадир?
— Нима қилмоқчи у, писиб юришидан бир гап борга ўхшайди
— Билмайман...
— Билмайсан-а?..
— Худо урсин, мақсадидан хабарим йўқ.
— Бўпти, бориб нарсаларингни йиғиштиравер.
— Ака, Сожида ҳақида ғалати гаплар эшитдим?
— Қанақа гап?
— Уни ўқишга юборар эмишсизлар?
— Ҳа, нима эди?
— Ўқиса, демак, рост экан-да?
— Чайналмай очиқроқ гапир.
— Ўқиса очиқ юрадиган бўладими?
— Ҳа.
— У ҳолда... бузуқлик...
— Бузуқлик қонида бўлса очиқ юрса ҳам, паранжида бўлса ҳам барибир. Битта бузуқни деб ҳаммасини чордевор ичига қамаш керакми? Аёл ҳам одам. Одамдай яшасин энди. Сенга ўхшаган муллалар фисқу фасод тўқийвериб, уларни қон қилиб юборишди-ку.
— Ака!
— Бас қил. Ҳозир айтишадиган пайт эмас. Гапинг бўлса йиғиб тур, уйда гаплашамиз.

Жамолиддин шундай деб отга қамчи босди.

Эртаси масжидга Норхўжа кириб келди.

«Тезда отланинг, йўлга тушамиз, — деди у. Қўрбошининг ўзи сафарга тайёр эди, шунинг учун Сабоҳиддинни шошилтирди.

Улар ўнта ўзларининг йигитларидан, бешта шўро аскарларидан олиб Риштон томон юрдилар.
— Тақсир, бир гап бўлдими, яна аслаҳаларни тақиб олибсиз? — деб сўради Сабоҳиддин шаҳардан чиқишгач.
— Собиқ бекларимдан бир қанчаси Шерматга қўшилиб бебошлик қилаётган экан, шуларни инсофга чақиргани боряпмиз. Холиқберди Шерматнинг олдига кетган.

Норхўжа бошқа йигитлар олдида сирни фош қилмаслик учун гапни айлантирган бўлса-да, Сабоҳиддин унинг мақсадини тушунди. Қасос они яқинлашганини, бирга кетаётган йигитларнинг, айниқса қи-зил аскарларнинг тақдири аллақачон ҳал этилганини фаҳмлади.

Йўллар тинч. Норхўжа билан Сабоҳиддин олдинда. Отлиқлар бир-бирлари билан деярли сўзлашишмайди.

Баҳор офтоби уларни бир оз ланж қилган, кўз баъзан уйқуга тортиб кетарди. Риштонга оқшомда кириб келиб, Кўршерматга қўшилиб кетган Каримбойнинг қўрғонида тунашди. Ярим кечада олатасир бошланди-ю, дам ўтмай тинди. Ҳовлида беш-олти киши машъала кўтариб турар, ерда эса Сабоҳиддиннинг ҳамроҳлари чўзилиб ётарди. Сабоҳиддин машъала кўтарганлар орасида Аҳмад девни кўриб, тинчиди. Аммо, у бекбошига яқинлашиб: «Иблис, сотқин!» деб қамчилай кетгач, лол қолди. Сўнг қамчи ўз елкасига ҳам бир-икки тушди. Аҳмад дев: «Сотқинларга ўлим!» деб бақириб, қолган қизил аскарларга ўқ узди. Тўрт кишини ер тишлатиб, бешинчисига қамчи урди.
— Сен тирик қоласан. Хўжайинларингга совға бериб юбораман, — деди унга. Сўнг йигитларига қараб буюрди. — Сотқин қўрбошининг мияси айниб қолибди. Бундай мияни кўтариб юриш ҳар қандай гавдага малол. Елкасини енгиллаштириб, ачиган каллани болшавойларга совға қилинг.

Норхўжани судраб олиб чиқишмоқчи бўлишди. Қўрбоши дод солди. Сабоҳиддинни ҳам туртиб кўча томон ҳайдадилар. Бироқ кутилмаганда кўчага чиқишлари билан муомала ўзгарди. Норхўжа, унга тегишмаса ҳам бақирар, тез-тез ечинарди. Йигитларнинг бири унинг кийимларини олиб нари кетди, Аҳмад дев эса унга бошқа уст-бош берди. Қоронғи кўча бўйлаб юришгач, отларга миндилар. Аҳмад дев қолди. Аммо қишлоқдан чиқишга улгуришмай, уларга етиб олди.
— Ҳамма иш тинчидими? — деди Норхўжа отга енгил қамчи уриб.
— Айтганингиздай бўлди, бегим. Қизил аскарни отга мингазиб, оёғидан боғладим. Хуржунга Тилаволдининг калласини солдим. «Сотқиннинг жазоси шу!» деб икки энлик хат ҳам ташлаб қўйдим. Омма соқолингизни олдириб, яхши қилган экансиз. Чиппа-чин ишонишади энди.
— Каллани кўриб эси оғиб қолгандир?
— Йўқ, дийдаси қаттиқ экан, занғарнинг.
— Тақсир, Тилаволдининг калласини, дедингизми?— деб сўради Сабоҳиддин.
— Ҳа.
— Ўзларининг жиянларими?
— Ҳа, жияним. Уни хайрли иш йўлида қурбон қилдик.

Сабоҳиддин ёқа ушлади. Бундай ишлардан кейинги пайтларда ҳайратга тушмай қолган бўлса-да, вужуди ларзага келди. Қароргоҳда Тилаволди билан қилган суҳбатларини эслаб, қулт этиб ютинди. Норхўжа ундаги ўзгаришни сезмай, сўзини давом эттирди:
— Муҳаммад алайҳиссаломнинг қайси бир катта боболари зам-зам булоғининг сувини кўпайтириб бер, деб Тангрига ёлвориб, фарзандларидан бирини қурбон қилган эканлар. Тўғрими? Азиз-авлиёлар бир қултум сув учун фарзандларини худойи қилганларида, биз юртнинг ҳаловатини кўзлаб, бир кишини қурбонликка атасак айб эмасдир?
— Дин ат-тавҳидда қурбонлиққа одам.. сўйиш тақиқ этилган.
— Шундайми? Биз бундан бехабар эканмиз. Оллоҳнинг ўзи кечиради гуноҳларимизни...

Отларга аччиқ қамчи урилди. Сабоҳиддин орқада қолди.
— Муллангизнинг фикри бузилмадимикин? Орқада қоляпти, — деди Аҳмад дев.
— Йўқ, кетмайди. Ундан кўнглим тўқ. Чизган чизиғимдан чиқмайди.
— Унга совға олиб келувдим.
— Қандай совға?
— Акасининг калласини.
— Жамол ўрисними? Қаерда кўрдинг уни?
— Холиқберди билан бирга келган экан. Тинчитиб қўя қолдим. Шермат қўрбоши сизга ҳам совға атаган эканлар, уни ҳам олволдим.
— Нима экан?
— Озгина зеби-зийнат. Йўл харжи... Кейин Ғулжадаги оға-иниларига кўрсатсин, деб Холиқбердининг калласини бериб юбордилар.
— Оббо баччағар, кўр чаққонлик қилибди-да, унинг калласини ўзим олиб, бир роҳатланмоқчи эдим. Совғалар қани?
— Хуржунда.
— Жамолникини ташлаб юбор, укаси кўрмасин.
— Кўргани маъқулмикин?
— Бўлмаса ўтиб кетгунимизча индамай тур.

Тонгда уларни уч юзга яқин яхши қуролланган йигит кутиб олди. Норхўжа одамларни шоширар, дам олишга деярли рухсат бермасди. Қашқар йўлига чиқишгач, Сабоҳиддин Норхўжанинг ниятини англади. Демак, у хорижга ўтиб кетмоқчи. Шунинг учун ҳам: «Қаерга кетяпмиз?» деган саволи жавобсиз қолган экан-да.

Йўл юқорилагани сайин юриш оғирлашди. Отлар чарчади. Одамлар ҳам ҳолдан тойди. Жар ёқасидаги тор сўқмоқларда отлар ҳуркийди. Беш-олти от пастликка қулади. Бир довонни ошиб ўтишгач, Норхўжа ҳордиқ чиқаришга рухсат берди. Шунда Сабоҳиддин орқага қайтиш учун қўрбошидан изн сўради.
— Сизнинг мақсадингиз аниқ, у ердан лашкар тўплаб қайтасиз. Бегона юртларда менинг юришимга ҳожат бормикин? — деди у.
— Ислом лашкарларининг сафи сийраклашиб қолди. Ҳар бир одам ҳисобли. Сиз қайтсангиз, изингиздан ўнтаси эргашади. Қўрқманг, Ғулжада зерикиб қолсангиз, қайтариб юбораман. Дунёни кўрганингиз қолади.
— Дунёни кўриш қочмас. Мен яқин-йироқларим билан хайр-хўшлашганим ҳам йўқ эди.
— Ким хайрлашибди? Менми? Бу гапларни қўйинг, мулла. «Жиҳод, жиҳод!» деб оғиз кўпиртирувчи сизмидингиз? Бир чўқишга чидамай қочмоқчимисиз?

Сабоҳиддин лаб тишлади-ю, индамади.

Улар яна йўлга тушдилар. Кечга яқин пистирмага дуч келдилар. Сабоҳиддин чегарага яқинлашганларини шунда билди. Олишув узоққа бормади. Норхўжа ўликларни кўмишга ҳам рухсат бермай, йўлда давом этди.

Юриш тобора оғирлашди. Ҳаво етишмайди. Сув ичиб қўйган саккизта от шишиб ўлди. Сулайиб, ҳолдан тойган йигитлар орқада қолиб кетавердилар. Тунги совуқ зириллатиб юборади. Эрталаб қорли чўққиларга етиб оладилар. Норхўжа шуни ўйлайди. «Қор кўчмаса эди», деб хавотир олади. Худодан мадад сўрайди. Энг хавфли манзилга етишганини фақат у билан Аҳмад дев билади. Бошқалар авваллари бу йўлдан юрмаган.

Норхўжанинг кутгани бўлди. Оқшомга яқин қор кўчди. Қанча йигит кўчки остида қолди. Қанчаси қутулди, билмайди. Олдинда келаётганлардан ўттизга яқини бу офатдан омон чиқди. Орқада келаётган-лар балки соғ қолгандир. Ўртадагилардан эса умид йўқ...

Сабоҳиддин изига қайтажагини яна айтди.
— Оллоҳ бизнинг йўлимизни тўсди. Қилаётган ишимиздан норози, — деди у.
— Бизни омон сақлаб қолди-ку? — деди Норхўжа.
— Оллоҳ гуноҳларимизни ювишга имкон яратиб, жонимизни қайтариб берди.
— Биз гуноҳларимизни ювиш учун кетяпмиз.
— Мен қайтаман.
— Қўрқяпсизми?
— Мен фақат Оллоҳнинг ғазабидан қўрқаман. Боргим йўқ.
— Ҳаммаёқни қор босди-ку, қандай қайтасиз?
— Бир амаллаб ўтаман.
— Йўқ, мулла, бу хаёлни миянгиздан чиқариб ташланг. Сиз мен айтган ишни қиласиз.
— Нима учун?
— Сабаби кўп. Айтайлик, сирингизни яширганим учун.
— Қандай сир?
— Маъмур бойваччанинг ўлими менга ҳам маълум. Аммо сиз Аҳмад девнинг кимлигини яхши билмайсиз. У бойваччанинг Ўшдаги бўласи. Дев қотилни билмайди. Мен эса унга айтмайман. Эски ярани қўзғашнинг нима ҳожати бор? Қолаверса, ҳисобли дунё деганларидек, елкангиздаги қарзни узишингиз керак. Акангизнинг жонини, синглингизнинг номусини сақлаб қолдим. Бу анов-манов гап эмас, мулла, ўйлаб кўринг. Мен Норхўжа қўрбошиман, а? Ҳадеб ноз-фироқ қилаверманг. Аччиғим чиқса... Жиянимни ҳам аямадим, а?

Сабоҳиддин у билан тортишиш ортиқчалигини билиб, индамади. Фурсат пойламоқни лозим кўрди. Сукутни ризолик аломати, деб фаҳмлаган қўрбоши гапини давом эттирди:
— Биз бир-биримиз билан аччиқлашмаслигимиз керак, мулла. Эсингиздами, маҳди ҳақида гапирган эдим. Шу режаларни амалга ошириш фурсати келди. Риштонда Норхўжанинг, яъни менинг каллам олинди. Ҳозир ҳамма мени ўлдига чиқарган. Душманларимнинг кайфи чоғ, маҳди учун яна нима керак. Қашқарга боргач, сиз Макка сари отланасиз. Харажатларни мен кўтараман. Уйингизга Сабоҳиддин ҳожи бўлиб қайтсангиз ёмонми? Мана шу яхшиликларим эвазига «Ислом юрти учун Худо Норхўжанинг жонини қайтариб берди», деб гап тарқатасиз. Бор юмушингиз шу!

Сабоҳиддин яхшилик билан жавоб ололмаслигини билиб, қочишни хаёл қилди. Қаттиқ-қуруқ сўзлари учун қўрбошидан узр сўради.

Тоғнинг тунги аёзидан ҳам уйқу зўр келиб, барча пинакка кетди. Фақат Сабоҳиддин ухламади. Тун яримлаганда ўрнидан турди. Ёнидаги хуржунни аста кўтарди-да, изига қайтди.

Эрта тонгда Норхўжани Аҳмад дев туртиб уйғотди.
— Бегим, муллангиз қочибди?
— Қаёққа қочади?
— Қаёққа қочарди? Занғар, менинг хуржунимни кўтариб кетибди.
— Нима бор эди?
— Ўзининг нарсалари... Қиёмат қарздан қутулибман. Озгина тилла билагузуклар ҳам бор эди. Орқасидан тушамизми?
— Йўқ, — деди Норхўжа бир оз ўйланиб, — орқага қайтиш хосиятсиз. Ҳали қочганига пушаймон ейди. Қайтган куним биринчи бўлиб шу маҳлуқнинг терисини шиламан.

Улар яна йўлга тушдилар.

... Сабоҳиддин хуржунни елкасига олиб узоқ юрди. Кўчки босган жойга етиб келгунча оёқлари қақшаб кетди. У ҳали кўчки нима эканини билмасди. Белга қадар қорга ботган кезларда изига қайтганидан пушаймон бўлар, чиқиб олганда эса: «Ота юртдан узилгандан кўра музлаб ўлганим афзал», деб қўярди.

У оқшомга бориб силласи қуриганини, очиққанини сезди. Тўхтади. Тамадди қилиб олиш учун хуржунни қўйди, ўтириб нафасини ростлади. Кейин қўлини хуржунга тиқди, Силлиқ, совуқ, юмалоқ бир нарсага панжалари тегиб кетди. Сесканди. Хуржунни очиб, икки қўллаб уни чиқарди. Чиқарди-ю, серрайиб қотиб қолди. Нафаси ҳам, юрак уриши ҳам тўхтади. У хуржундан акасининг калласини олган эди!..

Ана шунда...

Тоғлар ҳам қотиб қолди. Осмон ҳам. Дунёнинг ҳаёт томирларидан жон чиқиб кетди.

Бир зум, фақат бир зум шундай бўлди. У қўлидаги каллани ташлаб юборди. Акасининг кесилган боши қорга чўкди. Сабоҳиддиннинг қалбидан отилган фарёд сукунатни қалқитиб юборди. Тоғлар акс-садо берди. Йўқ, садо эмас бу. Тоғлар ҳам фарёд чекди. Бу фарёдни қорлар ўзига шима олмади — осмон бағрига сингдирди.

Ҳозиргина оқлиги билан кўзни қамаштираётган қор бир нафасда қоп-қора бўлиб қолди. Кейин аста қизарди. Чўққилардан қип-қизил қон оқиб кела бошлади. Иссиқ қон Сабоҳиддинни ҳам қаърига тортиб, аввал товонини куйдирди, кейин баданига тарқалди. Сўнг мияси қизий бошлади. Томоғи қуриб, қонни симира кетди. Симирган сайин ичи куяверди. Кейин қон қорга сингиб, атроф аста оқарди. Шунда Сабоҳиддин қорга ботиб турган каллани авайлаб қўлга олди. Юмуқ кўзларни, ўсиқ қошларни силади. Силай туриб вужудидан яна фарёд отилиб чиқди.

Осмон қаърига икки кунгача фарёд отилиб турди. Кейин бу аламли овоз бошқа ерларга кўчди.

Сабоҳиддин озиб-тўзиб кетди. Борар жойини ҳам унутди: телба бўлиб қолди. Каллани қўлдан қўймай тентираб юраверди. Бир ерда оёғи тойиб, пастга қараб юмалаганда уни йўқотди. Алам билан нола чекди. Охири бир думалоқ тошни калла хаёл қилиб авайлаб олди. Қош-кўзни излади. Тополмай уввос солиб йиғлади. Лекин уни ташлаб юбормади. Эҳтиётлаб кўтариб юраверди.

Орадан бир неча кун ўтгач, савдо важидан Қашқарга бориб-келиб юрувчи ўзбеклар уни кўриб қолиб, хачирга мингаштириб олдилар.

Чарх ураётган қузғунлар емишларидан маҳрум бўлдилар. Кўчкини пастлаб ўтган савдогарлар Сабоҳиддиннинг йиғисидан безор бўлиб, уни яна ташлаб кетдилар.

* * *

Мудҳишликнинг гувоҳи бўлган Рҳақ деразадан нари кетди. Бошидан бундай азобларни кечириб, охир-оқибатда чарм қопланган тахта сўрида итоаткорлик билан ётган Сабоҳиддинга бошқа қараб туролмасди. Юксак салоҳият эгаси бўлган, аммо бу имконни керакли йўналишга мутлақ сарф этолмаган, мавҳум мақсад йўлига тушиб, ўзгалар нияти учун қобилиятини қурбон қилган Сабоҳиддиннинг тақдири Рҳақнинг юрак-бағрини эзиб юборди.

Дилмурод эса нима воқеа юз берганини билолмай гангиб ўтирибди. Агар Сабоҳиддиннинг бошига тушган кулфатлар унга ҳам рўпара қилингудай бўлса, эсини йўқотиб қўйиши аниқ. Одам боласи тишини-тишига қўйиб ҳар қандай азоб-ташвишларга чидаса ҳам, мияси охир-оқибат бу юкни кўтаролмайди. Одамлар ўз аъзоларининг имконини билмаган ҳолда табиат қоидаларига қарши турмоқчи бўладилар. Табиатдан ҳеч қачон устун келиш мумкин эмаслигини билмайдилар.

Эшик очилиб, остонада Дилмурод кўринди.

Унинг руҳи анчайин паст, кўнглига ҳеч нима сиғмасди. Девонанинг мавҳум ҳаракатлари, ТЭТнинг ҳали мукаммал эмаслиги, уни такомилга етказиш учун кўп иш қилиш керак экани Дилмуроднинг фикрини банд этган эди. У бир-бир босиб Рҳақ-Мирзавойнинг ёнига ўтирди.
— Биз муолажани кеч бошладик, шунинг учун тушуниб бўлмайдиган воқеалар юз беряпти, — деди Дилмурод ҳамкасбига.
— Ҳозирча ҳамма касалликни ҳам сўнгги босқичда даволашга тўғри келяпти, — деди Рҳақ унга далда бериш учун. Аммо унинг гапи оловга ёғ сепгандай бўлди.
— Худди шу медитсинанинг энг катта айби, — деди Дилмурод қизишиб. — Биз ҳали одам анатомиясини тузук билмаймиз. Ҳа, юзаки биламиз. Одам миясига ҳомиланинг тахминан ўн саккиз-йигирманчи куни асос солинади. Ўша ондан бошлаб ҳар дақиқада ўртача йигирма минг асаб ҳужайраси туғилади. Биз текширишни, ўрганишни худди шу дамдан бошлашимиз керак эмасми? Мия асосан она қорнида камол топар экан, онанинг ташқи муҳитдан таъсирланиши болага кор қилмайдими? Масалан, оч-наҳор бўлса, хўрланса, ташвиш чекса... дақиқасига йигирма минг ҳужайра туғилармикин? Менингча йўқ. Демак, мия бир меъёрда шаклланмайди. Ёки, йигирма ёшли одамнинг мияси ўртача бир минг тўрт юз грамм. Уч ёшли гўдакники эса бир минг икки юз грамм. Ўртача ўн етти йилу яна икки юз грамм фарқ бор. Янги туғилган гўдак миясининг оғирлиги уч юз қирқ грамм бўлса, дастлабки уч йилда саккиз юз олтмиш, кейинги ўн етти йил ичида эса икки юз граммга ошади. Демак, биз ана шу дастлабки уч йилга кўпроқ эътибор беришимиз керак эмасми? Ана шуларни тадқиқ қилиш ўрнига, хасталик сўнгги нуқтага келганда югуриб қоламиз.
— Ҳадеб куйинаверманг, Дилмуроджон, ахир машойихлар: «Мусулмончилик ҳам аста-секин», деганлар-ку.
— Э, — Дилмурод қўл силтади, — аста-секинликнинг вақти ўтди. Замонни қаранг, зир титраб турибди...

Дилмуроднинг гапи оғзида қолди. Бўсағада Девонани кўриб иккови ҳам ўрнидан турди. Девона паст бўйли тўладан келган Дилмуродни, қорувли Рҳақ-Мирзавойни энди кўраётгандай кўзларини чақчайтирди-да, аста бурилиб, кўчага чиқиб кетди.

* * *

Мудҳишликнинг гувоҳи бўлган Рҳақ деразадан нари кетди. Бошидан бундай азобларни кечириб, охир-оқибатда чарм қопланган тахта сўрида итоаткорлик билан ётган Сабоҳиддинга бошқа қараб туролмасди. Юксак салоҳият эгаси бўлган, аммо бу имконни керакли йўналишга мутлақ сарф этолмаган, мавҳум мақсад йўлига тушиб, ўзгалар нияти учун қобилиятини қурбон қилган Сабоҳиддиннинг тақдири Рҳақнинг юрак-бағрини эзиб юборди.

Дилмурод эса нима воқеа юз берганини билолмай гангиб ўтирибди. Агар Сабоҳиддиннинг бошига тушган кулфатлар унга ҳам рўпара қилингудай бўлса, эсини йўқотиб қўйиши аниқ. Одам боласи тишини-тишига қўйиб ҳар қандай азоб-ташвишларга чидаса ҳам, мияси охир-оқибат бу юкни кўтаролмайди. Одамлар ўз аъзоларининг имконини билмаган ҳолда табиат қоидаларига қарши турмоқчи бўладилар. Табиатдан ҳеч қачон устун келиш мумкин эмаслигини билмайдилар.

Эшик очилиб, остонада Дилмурод кўринди.

Унинг руҳи анчайин паст, кўнглига ҳеч нима сиғмасди. Девонанинг мавҳум ҳаракатлари, ТЭТнинг ҳали мукаммал эмаслиги, уни такомилга етказиш учун кўп иш қилиш керак экани Дилмуроднинг фикрини банд этган эди. У бир-бир босиб Рҳақ-Мирзавойнинг ёнига ўтирди.
— Биз муолажани кеч бошладик, шунинг учун тушуниб бўлмайдиган воқеалар юз беряпти, — деди Дилмурод ҳамкасбига.
— Ҳозирча ҳамма касалликни ҳам сўнгги босқичда даволашга тўғри келяпти, — деди Рҳақ унга далда бериш учун. Аммо унинг гапи оловга ёғ сепгандай бўлди.
— Худди шу медитсинанинг энг катта айби, — деди Дилмурод қизишиб. — Биз ҳали одам анатомиясини тузук билмаймиз. Ҳа, юзаки биламиз. Одам миясига ҳомиланинг тахминан ўн саккиз-йигирманчи куни асос солинади. Ўша ондан бошлаб ҳар дақиқада ўртача йигирма минг асаб ҳужайраси туғилади. Биз текширишни, ўрганишни худди шу дамдан бошлашимиз керак эмасми? Мия асосан она қорнида камол топар экан, онанинг ташқи муҳитдан таъсирланиши болага кор қилмайдими? Масалан, оч-наҳор бўлса, хўрланса, ташвиш чекса... дақиқасига йигирма минг ҳужайра туғилармикин? Менингча йўқ. Демак, мия бир меъёрда шаклланмайди. Ёки, йигирма ёшли одамнинг мияси ўртача бир минг тўрт юз грамм. Уч ёшли гўдакники эса бир минг икки юз грамм. Ўртача ўн етти йилу яна икки юз грамм фарқ бор. Янги туғилган гўдак миясининг оғирлиги уч юз қирқ грамм бўлса, дастлабки уч йилда саккиз юз олтмиш, кейинги ўн етти йил ичида эса икки юз граммга ошади. Демак, биз ана шу дастлабки уч йилга кўпроқ эътибор беришимиз керак эмасми? Ана шуларни тадқиқ қилиш ўрнига, хасталик сўнгги нуқтага келганда югуриб қоламиз.
— Ҳадеб куйинаверманг, Дилмуроджон, ахир машойихлар: «Мусулмончилик ҳам аста-секин», деганлар-ку.
— Э, — Дилмурод қўл силтади, — аста-секинликнинг вақти ўтди. Замонни қаранг, зир титраб турибди...

Дилмуроднинг гапи оғзида қолди. Бўсағада Девонани кўриб иккови ҳам ўрнидан турди. Девона паст бўйли тўладан келган Дилмуродни, қорувли Рҳақ-Мирзавойни энди кўраётгандай кўзларини чақчайтирди-да, аста бурилиб, кўчага чиқиб кетди.

Эрталаб шифохонага етиб улгурмаган ҳам эдики, Дилмуродни бир бола чақирди. У тўхтаб, орқасига қаради. Югуриб келаётган бола ҳансираганича гап бошлади:
— Пропесур тоға, жинни ўлиб қолибди.
— Нима дединг?
— Ўзини осиб қўйибди.
— Қаерга?
— Абдулҳай амакимизнинг боғига. Шийпон қурилаётган боғ бор-ку, аши ерда.

Дилмурод қадамини тезлатди. Абдулҳайнинг боғига одамлар тўпланган. Мурда ерга олиб қўйилган эди. Ўрик шохида сиртмоқ осиғлиқ, пастда эса... гўр қазилган эди. «Дарров улгуришибдими, нимага бу ерга қўйишмоқчи», деб ўйлади Дилмурод мурдага яқинлашиб. У Девонанинг мижжаларини қайириб кўрди. Кимдир мурда устига уриниб қолган тўн ташлади. Бу орада ҳаллослаб гўрков етиб келди. Қазилган қабрга қараб бош чайқади.
— Ўзига ўзи тайёрлаб кетибдими? Тириклигида ҳам ҳеч кимга оғирлиги тушмаган эди, — гўрков шундай деганича энгашиб, лаҳадга қаради.
— Шу ерга кўмамизми? Қазиган қабрига қараганда... — деб сўради Дилмурод.
— Дуч келган жойга қўявермайлик. Ҳеч бўлмаганда ўлганда ҳамжиҳат ётишсин.

Девонани ҳужраси яқинига кўмдилар.

Одатда инсон боласи камдан-кам ҳолларда ғалаёнга журъат этади. Ҳаёти давомида ўнлаб, балки юзлаб воқеага нисбатан бағрида исён уйғонса-да, уни юзага чиқармайди, бўғиб яшайди. Айниқса, бу ҳол Девона- Сабоҳиддиннинг ҳаётида кўп бўлди. Сабоҳиддин умрида икки марта ғалаёнини жиловлай олмади. Унинг қалбида кўз очган дастлабки исён оила номусини поклашга ундади. Иккинчи марта жамиятга, наинки жамиятга, балки ўз-ўзига қарши исёнга журъат этди. У икки мартагина ғалаён қилди. Аммо ҳар иккала ҳаракати изсиз кетди. Биринчи гал унинг журъати акасига муҳрланди. Иккинчи ва сўнгги марта қилган ғалаёнида у ўзи гўр қазиб, бош томонига акасидан ягона хотира — аскар қалпоғини қўйган эди. Аммо одамлар буни англаб етмай, уни бошқа қабрга кўмдилар.

Кўп ўтмай раиснинг буйруғи билан Девонанинг ҳужраси бузиб ташланди.

Дилмурод нима қиларини билмай қолди. У Девонанинг тузала бошлаганига ишонарди. Унинг ўзини осиб қўйиши ҳам шундан. Лекин Дилмурод буни қандай исбот этади? Балки Девонанинг ўлимида Дилмуроднинг айби бордир? Миясидаги айрим хотиралар уйғониб, уни азобга солгандир? Одамови бўлиб қолгани ҳам шундандир? Норхўжани тилга олиб талвасага тушганда, нима учун тузукроқ аҳамият бермади? Мудҳиш хотираларининг ўша кезлари уйғона бошлаганини тахмин қилган эди-ку? Ҳа, айб Дилмуродда. Агар Девона доимий назорат остида бўлганда...

Қорлар эриб, ернинг нами кўтарила бошлагач, барча даладаги ишлар билан овора бўлди. Қишлоқдаги мудроқлик, дангасалик баҳор офтоби билан ҳовур сингари кўтарилди.

Дилмуродга эринчоқлик юқиб самовархонада Асқаралининг суҳбатини олай деб чиққан эди. Гузар томонга усти берк машина келаётганини кўриб, Дилмурод сергакланди. Машина гузарда тўхташи билан ундан икки номаълум киши тушиб атрофга аланглаб олди. Сўнг... Анвар тушиб самовархонага қаради. Сўри панжарасига тирсагини тираб ўтирган Дилмуродни кўриб икки кишига нимадир деди.

Нотаниш кишилар тез-тез юриб самовархонага кўтарилдилар. Бири Дилмуроднинг рўпарасига туриб олди, иккинчиси орқасига ўтди.
— Сен қамоққа олиндинг, — деди рўпарадаги одам дағал оҳангда.

Дилмурод қайнотасини қамоққа олинганини кўрган, буларга гап уқтириш мумкин эмаслигини биларди. Шу сабабли индамай ўрнидан турди.

Ногаҳоний бу ташрифдан, бу гапдан ҳайратга тушган Асқарали эса Дилмуродга ўзини қалқон қилмоқчи бўлди.
— Иним, Дилмуроджоннинг айблари нима, аввал тушунтиринг. Яна янглиш келган бўлманг?
— Сен нари тур, — у беписандлик билан шундай деб худди хасни суриб қўйгандек Асқаралини туртди.
— Асқарали тоға, қўйинг, буларга бас келиб бўлмайди, — деди Дилмурод.
— Сен халқ душмани Раззоқов билан бирга Ватанга қарши жиноий иш олиб борганда айбланасан, олдимга туш. Қўлингни орқага қил.
— Ҳой, иним, инсоф қилинг, бола-чақаси шу ерда, кўришиб олсин.
— Нари тур.

Бу сафар қаттиқроқ туртган эди, Асқарали гандираклаб сўрига ўтириб қолди.

Бу воқеани Рҳақ-Мирзавой Асқаралидан эшитиб ўйга толди. Умидани бағрига босиб ўтирган Ақидага қарай олмади. Ақида жим эди. Унинг кўз ёшлари қуриб бўлган. Йиғлашга мадори ҳам йўқ эди.

Рҳақ нима дейишни билмай турганида Ақиданинг ўзи сўз очди.
— Мирзавой ака, яхши ҳам сиз тоғда экансиз... Энди бу ердан тезроқ кетинг. Эрта-индин сизни излаб келишади. Дадамга яқин одамларни териб бўлишди. Энди Дилмурод акамнинг яқинларини теришади.
— Ҳеч ишонгим келмаяпти, — дерди Асқарали, — қанақа замон бўлди бу, а?
— Шайтанат замони, — деди Ақида ҳазин овозда.

Хотима Ўрнида

Рҳақ эрталаб шаҳарга тушиб ҳужжатларини суриштириш баҳонасида Бухорога йўл олди. Тангда берилган кўрсатмага мувофиқ, биринчи алоқа муддати яқинлашганди. У Қизилқумда қолган кемага қайтиб, бир-икки кун тиниқиб олмоқчи, кўрган-билганларини фикр ойнасидан ўтказиб, ҳисобот тайёрламоқчи эди.

Рҳақ кемага кирди-ю, чақириқ чироқларининг тинмай ёниб-ўчаётганини кўриб ҳайрон бўлди. Алоқа боғлашга ҳали уч кун вақт бор эди. Бирор кор-ҳол юз бердимикин? У курсига ўтириб Ер атрофида йўлдош каби учаётган асосий ясси кема билан алоқа боғлади. Бошлиқ дарҳол йўлга отланишни буюрди. Бошқа барча тангликлар кемага қайтганини айтиб, Ерда катта уруш бошланаётгани учун Тангга қайтишлари лозимлигини билдирди. Рҳақ бу янгиликни эшитиб, ҳанг-манг бўлиб қолди. Ахир, одамлар орасида: «Гитлер билан сулҳ тузилди, уруш бўлмайди», деган гап юрарди-ку! Наҳот ҳамма алданган бўлса? Наҳот қирғин бошланса? Асқарали, Дилмурод, Умида, Ақида, Кесганбелнинг меҳр-оқибатли одамларининг умрига нуқта қўйилса? Рҳақ ерликларни самимий бир муҳаббат билан севиб қолган эди. Мана шу Ер, мана шу одамлар унинг қалбида изсиз йўқолиб кетган меҳр, севги, оқибат туйғуларини қайтардилар. Энди бу одамларни ташлаб, қаерга қайтади? Ҳиссиз юртигами? Уни ким кутяпти? Унинг гапига ким қулоқ солади? Бу ерда-чи? Тараққиётни белгилайдиган нодир истеъдод эгалари бўлмиш одамларидан воз кечаётган жамият энди Рҳаққа меҳр кўргаза олармикин?

Шу саволлар ўтида қоврилган Рҳақ оғир иш қилиб толиққандай кўзларини юмди. Беозор девона— Сабоҳиддин, унга меҳрибонлик қилаётган Умида, куюнчак Дилмурод, вафодор Ақида, ҳазилкаш Асқарали, иффатли Сабохон, бир-бирларига оқибатли ҳамқишлоқлар, Шоазиз, Мамарайим каби темир одамлар кўз олдидан ўта бошладилар. Ҳозир ана шу хилма хил одамлар билан видолашиб учиб кетиши керак. Буйруқ шундай. Қўнғир мурватни бураса бас. Ҳаммаси ортда қолади: ширин туш кўраётиб чўчиб уйғонган одам ҳолига тушади. Туғилиб-ўсган юртига қайтиш қанчалик лаззатли бўлмасин, туйғулари туғилган Ерни ташлаб кетиш азоби шу қадар улкан эди. Икки қудратли куч уни икки ёққа тортқиларди. Шу онда, шу нафасда икки йўлдан бирини танлаши керак. Ўйлаб кўришга фурсат йўқ. Икки қудратнинг бирига майл бериши шарт. Нима қилсин? Ҳаммасини ташлаб кетсинми?

Рҳақ энтикиб кўзларини очди. Қўнғир мурват... Танг, ҳиссиз ҳамюртлари... Улкан сайёрада бир ўзи танҳо... Бошқалар бегона! Бегона... Ерда-чи?

Қўнғир мурват...

Ўш — Тошкент.
1976-1982
II- qism
 
Keyingi