OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

5 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифТоҳир Малик
Асар номиЭркин (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Тоҳир Малик
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм52KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/07/12
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Эркин (ҳикоя)
Тоҳир Малик

Қамоқхонанинг темир эшиги аввалига юракни эзадиган даражада ғижирлади, сўнг шиддат билан шарақлаб ёпилди. Эркиннинг назарида темир эшик шарақламади, балки моғор ҳиди анқиб турган бу заҳ бино тарс иккига ёрилиб, ажралиб, кейин шу ондаёқ уни ютиб юборгандай бўлди. Узунаси уч қадам, эни икки қадам келадиган совуқ, нимқоронғи хонада ёлғиз қолган Эркиннинг баданида титроқ турди. Титроқ совуқданми ё қўрқувданми - буни аввалига ўзи ҳам билолмади.

Эшикнинг шарақлаб ёпилиши сўнгги умид учқунлари устига кул тортди. Қамоқхонанинг узун даҳлизидан қўлини орқасига қилиб юриб келаётганида ҳам ундаги умид учқуни олисдаги юлдуз каби милтиллаб турган эди.

Энди... тамом! Демак, бу шунчаки пўписа эмас! Демак, бу англашилмовчилик ҳам эмас!

Эркин остона ҳатлаб бир қадам қўйганича қотиб турарди. Кўз олдини қоронғи парда қоплаган, назарида оёқларидан ҳам жон буткул чиқиб кетгандай эди. У ўзи билмаган ҳолда аста чўка бошлади. Аввалига чўнқайди, сўнг чўккалади. Тиззалари музлади. Титроқ кучайди. Бақирмоқчи бўлди - овози чиқмади.

...Қоронғи хонага чақмоқ нури ёпирилиб киргандай бирдан ёришиб кетди. Шундай ёришдики, ҳатто кўзларига ҳеч нима кўринмай қолди. Назарида чақмоқ қамоқхонани шарт иккига ажратиб ташлагану ўткир нури билан кўзларини қамаштириб юборгандай эди. Дам ўтмай хона аста қизара бошлади. Охири қондек тўқ-қизил тусга кириб, атроф чайқала кетди. Қамокхона тошбино эмас, балки улкан қон денгизида қалқиб турган кема эди унинг хаёлида. Мавжлар бора-бора пўртанага айланди. Тиз чўкканича қалтираётган Эркин ўроқ солинган буғдой поясидай шилқ этиб ёнга қулади. Чаккаси бетонга тегиб, кўз олдини қоплаб турган қип-қизил қон денгизи қоп-қора зимистон чоҳга айланди. У зимистон чоҳга гўё учиб тушди. Қалтироқлари ҳам қолган, бадандаги зирқироқ оғриқ ҳам кўтарилган эди. У ўзини енгил ҳис қилар, қушдай учарди...

Белига энли камар боғлаган соқчи ичкаридаги йигитчанинг жимиб қолганидан хавотирланиб, эшик туйнукчасини очиб қаради:
— Ерга ётиб олибди-ку, бирон нима бўлмаганмикин?-деди у шеригига қараб.

Рангпар шериги туйнукчадан бир оз қараб тургач:
— Ўлмайди, ётаверсин,-деб ҳотиржам равишда нари кетди.

Эркин қанча ётганини билмайди. Ҳушига келди-ю, сукунат жарангидан даҳшатга тушди. Жимжитликнинг бу қадар даҳшат эканини у билмас эди. Шу сабабли ҳушига келган-келмаганини аввалига англамай ётди. Бир пайт онаси сукунатни парчалаб: «Тургин болам, шамоллаб қоласан», деб шивирлагандай бўлди. Эркин сесканиб, бошини кўтарди. Қулоқ тутди -онаси бошқа гапирмади. У атрофга аланглади: тўғрида темир каравот қорайиб турибди. Тепада хира чироқ. Бир томонда темир панжарали дарча. Орқада темир эшик. Бошқа ҳеч нарса йўқ.

У қаддини ростлади-да, музлаб қолаётган ўнг қўлини, ўнг биқинини силади. Мажолсиз оёқларини бир-бир судраб босиб каравотга бориб ўтирди. Кўрпа бўлиб кўрпамас, жунчойшаб бўлиб жунчойшаб бўлмаган бир увадани олиб, ўранди. Баданига сал иссиқлик югурди. Совуқ чекингач, очлик хуружқилди.

Йигитчани уйдан олиб чиқишганда субҳи козиб эди. «Энкеведе[1]» деса жони ҳалак қўшнилар эшиклари тирқишидан мўралаб қолаверишган, нола қилаётган онасини юпатгувчи зот топилмаган эди. Эркин кун бўйи тик турганича сўроқларга жавоб берди. Қош қорая бошлаганда келтириб, бу хонага тиқишди.

Эркин нимқоронғи, зах хонага ҳам, сукунатга ҳам аста кўника бошлади. Бир йил ичида аввал акасидан, сўнг отасидан айрилган, отасининг дўстлари ҳам бирин-кетин қамалаётганини эшитиб довдираб қолган ўн етти ёшли йигитча учун ўтган кеча ва кундуз кутилмаган синов эди.

Уч кун аввал мактаб директори уни чақиртирди. Чўққи соқолли бу одам ғоят сертакаллуф, ҳатто болаларни ҳам сизлаб гапирар, бировдан ранжиганини сира сиртига чиқармас эди. Ана шундай ҳилм эгаси бўлган одамни ранги оқарган ҳолда кўриб, Эркин ажабланди.
— Кечқурун Нозимхўжа акангизни ҳам олиб кетишибди,-деди у саросима билан.-Биттадан теришяпти. Сиз ҳозироқ уйингизга боринг. Дадангизнинг китобларини, кундаликларини, мактубларини, хуллас, ёзилган қоғоз борки, беркитиб ташланг. Жулқунбой билан Чўлпоннинг китоблари зинҳор юзада қолмасин. Эҳтиёт бўлинг, болам, бора қолинг.
— Нимага, муаллим?-деб эътироз билдирди Эркин.- Дадам... йўқлар-ку? Шунда ҳам келишадими бизларникига?
— Келишлари мумкин... Улар учун ҳозир тиригу ўлик одам - бари бир.

Эркин муаллимининг қўрқоқлигидан бир кулиб, бир ҳайрон бўлиб, уйига борди. Унинг гапларини онасига айтди. Онасининг ранги ўчиб, «Вой, ўлмасам...» деб икки юзига кафтларини босди. Уч ойдан бери нафақа пули берилмай қўйилганининг боисини шу топда англади. Бир оз саросимада турди-да, кейин токчалардаги китобларни саралай бошлади. Унинг қўли ишда, лаблари эса: «Вой, худойим, энди нима қилдим, буларни қаерга яширдик?!» деб пичирларди.
— Эркинжон, болам, буларни қаерга яширамиз? Ёқмасак бўлмайди шекилли?-деди онаси тўпланган китобларгақараб.

Эркин «онам ҳазиллашяптиларми?» деб унга тикилди. Кейин онаси ҳозирнинг ўзида ўт қўйиб юборадигандек қўлларига ёпишди.
— Йўқ,- деди у қатъий,- ёқмайсиз! Бу дадамнинг китоблари!

Дадасининг қўллари теккан китобларни ёқишга йўл қўя олмасди. Китоб ёнса, дадасининг хотираси ҳам куйиб, кул бўладигандай эди. Оқибатда бу уйда табаррук ҳеч нима қолмас эди. Эркин хотирасиз яшамоқ, туйғулардан маҳрум бўлмоқ - ваҳшийлик эканини ҳали дуруст тушуниб етмасди. У ҳозир бир нарсани аниқ биларди - отасининг қўллари теккан буюм

табаррук, муқаддас. Муқаддас нарсани эса ёқиб бўлмайди. Онасининг қўлларини ушлаб, кўзларига тикилди. Унинг бу қарашида «ўлсам ўламан, бироқ ёқтирмайман!» деган қарор зоҳир эди. Она ўғлининг қалбида портлаган, бироқ тилидан учмаган бу хитобни юраги билан эшитди.
— Нима қиламиз бўлмаса?-деди йиғламсираб.
— Кўмибқўямиз.

Ошхонада одам бўйи келадиган катта хум бўларди. Эркин эсини таниганидан буён бу хумга дону дун тўлатилганини билмайди. Ҳозир Эркиннинг хаёлига дафъатан шу бўш хум келди. Ташқарига чиқди-да, итининг ёғоч уйчасини нари суриб, ўра қазий бошлади. Онаси эса ҳамон йиғламсираганича мактубларни, ҳужжатларни тўп-тўп қилиб тугар эди.

Эркин хумнинг оғзини маҳкамлаб, устига тупроқ тортиб, сўнг итининг ёғоч уйини суриб қўйганида тун ярмидан оққан эди.

Эрталаб мактабига борган Эркин директорнинг «халқ душмани» сифатида қамоққа олинганини эшитди. Директорнинг кечаги қиёфаси кўз ўнгидан кетмай, ўзининг ҳам саросимага банди бўлиб бораётганини хис қилди.

Оқшомда эса... уйларига булар - кутилмаган, чорланмаган, хушланмаган меҳмонлар келишди. Бошқаларга буйруқ бераётган чарм курткали кишини Эркин бир кўришдаёқ таниди. Жавлон исмли бу одам авваллари ҳам уйларига бир-икки келган эди. Бу меҳмонни кўришдаёқ дадасининг пешонаси тиришганини Эркин сезганди.

Дадасининг бир одати бўларди: бирон-бир яхши одам меҳмон бўлиб кетгач, оила даврасида унинг фазилатларини шарафлаб ўтирарди. Меҳмон хуш кўрилмайдиган, кўнглига ўтирмайдиган бўлса, индамай қўя қоларди. Шу туфайли чарм курткали Жавлоннинг асли кимлиги Эркин учун номаълум эди.

Дадасининг жанозасида бу одам ҳам келиб: «Мираббосов болшевик эди, болшевикчасига кўмамиз», деб ҳамманинг бошини қотирганди. Шунда Эркиннинг бувиси чиқиб: «Болам болшавой бўлган, тўғри, лекин ота-боболаридай ётаверсин. Болшавой тахта қутида ётсин, деган қонунингни кўрсат!» деганидан сўнг: «Унда юзини очинглар, хайрлашайлик», деб тиқилинч қилган, одамлар: «Кафанлаб қўйилган, очиб бўлмайди», деб койиб беришгач, жаноза ўқилишини ҳам кутмай, бир нималар деб тўнғиллаганича кетиб қолган эди.

Қоронғи тушганда айнан шу одамнинг келиши Эркин учун жумбоқ эди.

Жавлон ҳатто этигининг чангини ҳам қоқмай уйга кириб келди. Аввал наматни, сўнг тўшалган кўрпачаларни босиб ўтиб, токчага яқинлашди.
— Ҳм-м... Маркс, Ленин... яхши...-деди у китобларга қараб.-Ўртоқ Сталиннинг китоблари қани?

Эркиннинг онаси каловланиб, жавоб бера олмади.
— Қанақа болшевик экан, у Мираббосов, уйида доҳийнинг китоби бўлмаса... Мана бу ерда душманларнинг китоблари турар эди, қани улар?

Эркиннинг онаси яна жавоб қайтара олмади. Савол такрорлангач, аранг: »қайси душманлар?» дея олди халос.
— Қайси душманлар?-Жавлон «уларни ростдан ҳам билмайсизми?» дегандай бир зум тикилиб турди:-Қодирий, Чўлпон деган душманларни эшитмаганмисиз? Эшитгансиз. Китобларини ҳам билардингиз. Ҳеч бўлмаса токчанинг чангини артаётганингизда кўзингиз тушгандир, а? Шунинг учун мени лақиллатишга уринманг. Мен сиздан сўраяпман: китоблар қани?

Савол бу сафар янада кескинроқ, янада баландроқ овозда сўралди. Эркиннинг онаси бу оҳангдан чўчиб ҳам тушди. Жавлоннинг қаҳрли нигоҳига дош беролмади. Нима қилсин: дод дея олмаса, қўшниларини ёрдамга чақира олмаса, кўчага қочиб кета олмаса... Жавоб қайтармоқдан ўзга чораси йўқ.
— Уларми... уларни ёқиб юборганмиз.

Шу жавоб билан қутулиб қолмоқчи эди, бироқ Жавлон йўл қўймади:
— «Ёқиб юборганмиз»? Нимага?
— Шу... нимайди...

Онасининг ўртанишига чидай олмаган Эркин унинг ўрнига жавоб қайтарди:
— Халқ душманларининг китобларига болшевикнинг уйида жой йўқ!

Жавлон захарли жилмайиш билан Эркинга тикилди:
— Шунақами? Яхши... Лекин сендан сўраганим йўқ, тирранча, сен гапга аралашма... Хў-ўш, демак, китобларни ёққансиз? Эрингиз қаерда, уни ёқмагандирсиз, а?

Эркин ҳам, онаси ҳам ҳангу манг бўлиб қолишди. Бу одам ҳазиллашяптими ё чин гапиряптими - фарқлай олишмади.
— Бу нима деганингиз...-деди онаси йиғламсираб.-Ахир дадасини... ахир ўзингиз кўргансиз...
— Кўрмаганман! Кўрай деганимда мени юлиб ташлагансиз, чунки кафан ичида бошқа одам бўлган. Мираббосов - халқ душмани! У адолат ҳукмидан қочиб юрибди.
— Хаққингиз йўқ бундай дейишга! Дадам ҳалол одам эдилар!
— Ўзингни бос, тирранча! Дадангни сендан кўра мен яхшироқ биламан. Мираббосов Бухородаги тинтувда топилган бир хум тилланинг ярмини давлатга топширмаган. Архивни кўтардик, далиллар бор. Хўш, қолган тиллани қаерга яширган? Ё уни ҳам ёқиб юбордиларингми? Майли, Мираббосов халқ душмани бўлмай қўя қолсин. У ҳатто шу номга ҳам арзимайди. Мираббосов - оддий ва пасткаш ўғри. Биз эса ўғрини излаб топишимиз керак.

Инсон боласи ўзининг ҳақоратланишига чидаши мумкиндир. Бироқ, вафотига ҳали бир йил ҳам тўлмаган отасининг хотираси булғанишига қандай чидасин?! Эркиннинг назарида бу туҳмат сўзлар учиши ҳамон замин ларзага келиб, силкиниши, осмон эса ғазабдан қоқ иккига бўлиниб кетиши керак эди. Эҳтимол мозийда, минг йиллар илгари шундай бўлгандир. Кейин одамлар тилидан учаётган туҳмату иғволарга кўникиб ювош тортиб қолгандир. Эҳтимол... эҳтимол... Ер-у осмон чидаган нарсага Эркин тоқат қила олмади:
— Ўзинг ўғрисан!-Эркин ўзини тутолмай шундай деб бақирди-да, Жавлонга ташланди. Онаси йўлини тўсмаганида унинг кекирдагига чанг солиши аниқ эди. Жавлон бир имлаган эди, остонада турган аскар Эркиннинг қўлларини қайириб, ҳовлига судраб олиб чиқди.

Қош қорайди, кеч кирди. Атрофга сокинлик чўкди. Гўё бутун шаҳар, бутун ўлка оромга берилган эди. Эркин шу онда бошқа хонадонлар ҳам ташвиш ўтида қоврилаётганини, эшикларининг тақиллашини хавотир билан, юрак ҳовучлаб кутаётганини билар эди. «Балки уч-тўрт уйни тинтишаётгандир,-деб ўйлади у,- лекин ўлган одамни топиб берасан, деб тиқилинч қилишмаётгандир?..» Эркин ичкарида нима гап бўлаётганини билмасди. У одамнинг ғўнғир-ғўнғир товушини, онасининг йиғламсираган овозинигина эшитарди. «Кўмилган қоғозларни, китобларни кўрсатсам, қораси ўчармикин, буларнинг», деб ҳам ўйлади. Кейин қоғозлардаги бирон-бир сатр отасининг «халқ душмани» деб қораланиши учун асос бўлиши мумкинлигини англаб, ўзини тийди. У дадасининг кундаликларини ўқиган, айрим сатрлар ёд ҳам бўлиб кетган:

Отасини бадном қилиб юборишлари учун шу байтнинг ўзигина кифоя. Шеърнинг инқилобдан аввал ёзилганига қараб ўтиришмайди. Эркин отасининг қамоққа олинган дўстларини эслаб, «Тирик бўлганларида дадамни ҳам қамашар экан-да...» деб ўйлади-ю, юраги орқасига тортиб кетди. Отасининг чарм курткали бу одамга бош эгишига, унинг олдига тушиб кўлларини орқага қилиб уйдан чиқиб кетишига Эркин чидай олмаган бўларди. Бошқалар қандай чидаяпти экан, нима учун уларнинг юраклари аламдан тарс ёрилиб кетмаяти экан?

Эркин кечаси билан шундай ўйлар исканжасида тўлғанди. Тиз чўкиб ўтирган онасини кўриб, унга талпинди. Чарм курткали одам йўлини тўсиб, билагини маҳкам сиқди:
— Онангга ачинсанг, олтинлар билан қоғозларнинг қаердалигини айт,-деди ҳукмдор оҳангда.
— Бизда олтин бўлмаган, қоғозларни ёқиб юборганмиз.
— Ҳа, яхши. Бу ерда бир гап чиқмайди шекилли. Сен мен билан бирга кетасан. Суҳбатни идорада давом эттирамиз. Сенлар «енкеведе» нима эканини ҳали билмас экансанлар. Кўзларингни очиб қўймасам бўлмайди.
— Биз ўртоқ Сталинга шикоят қиламиз. Сиз ҳали жавоб берасиз!-деди Эркин қатъийлик билан.

Жавлон «Илоннинг боласи - илон, чаённинг боласи - чаён», деб ижирғанди-да, Эркинни силтаб, нари итарди. Онаси уйда дод деганича қолаверди.

Идорадаги суҳбат эски эшикнинг бир меъёрдаги ғижирлаши каби давом этиб, Эркиннинг асаб торларини бурдалаб ташлади.У одам уйдаги ўша саволларни эринмай, бир хил оҳангда такрорлайверди. Эркин ҳам бир хилда жавоб қайтараверди. Оқшомга бориб иккови ҳам ўлардай чарчади. Оқибат - Эркин қамоқхонага, Жавлон эса уйига йўл олди...

«Ойим нима қилишларини билмай ўтиргандирлар,-деб ўйлади Эркин.-Оғзим қурияпти, сув сўрасаммикин? Нима деб сўрайман? Шулардан сўрайманми?..»

Эркин увадага ўраниб, очликдан силласи қуриб, ташналикдан энтикиб ўтирганида онаси қамоқхона атрофида зир қақшаб юрган эди. Кундузи ичкаридан тайинли бир гап чиқмагач, уйига қайтиб, ош пишириб, тоғорачага сузиб келган, бир «инсофли одам» бу ошни Эркинга бериб қўяман, деб олганича дом-дараксиз кетган эди. Она бечора «енди ўғлим оч қолмайди», деб бир оз овунган, шу девор ортидаги хонада уч азамат бир бўлиб тоғорачадаги ошни иштаҳа билан еб ташлаганидан эса бехабар эди.

Қош қорайганда Жавлон чиқди. Онанинг «болам қани?» деган саволига «сўроқ тугамади», деб тўнг жавоб қайтарди-ю, автомобилга ўтириб жўнаворди.

Эртасига эрталаб Жавлон қўнғир бинонинг совуқ деворига суяниб, мудраб ўтирган онани кўриб, уни чақирди:
— «Энкеведе» билан ўйнашма, девдим-а?-деди пўписа оҳангида. Унинг бирданига сенсирай бошлагани онани сергаклантирди. Кўнгли бир шумликни сезиб, «яна нима деркин?» деган хавотирда гапининг давомини кутди.
— Ўжарлик қилма. Боланг мени ҳақоратлади. Илоннинг боласи - илон, душманнинг боласи -душман. «Учлик»нинг ҳукми билан узо-оққа кетади. Ўйлаб иш қил. Эсингни йиғсанг болангни қутқариб қоларсан, бўлмаса, ўзингдан кўр.
— Ўғлимни бир кўрай...-Она талаб оҳангида гапирмоқчи эди, лекин титроқ овози ўзига бўйсунмади.
— Мумкин эмас. Қоғозларни қаерга яширгансан, олтинни-чи?
— Ахир айтдим-ку?
— Сенинг бу лақиллашингни онанг кўтаради. Мен эмас. Ўйла, кечгача ўйла. Болани туққан ҳам ўзингсан, ўлдирадиган ҳам ўзингсан, билиб қўй!

Бу гапларни айтгандан кўра онанинг кўксига бир-икки ўқ қадаганда муштипарнинг қалби бунчалар пораланмас эди.

Она икки ўт орасида қоврилиб қолаверди. Ахир у нимани ўйлайди? Эри қаро ер бағрида ётган бўлса... Уни тирилтириб олиб кела олмаса... Тирилтира олганида ҳам бу малъуннинг кўлига топширадими? Нима учун топширади? Нима гуноҳи бор экан у шўрликнинг? Оқ подшо замонида неча ўлимдан қолган эди. Бу замонда ўлиб ҳам қутулмаса... «Олтинни топиб бер», дейди. Олтиннинг номини эшитган, ўзини эса умрида кўрмаган бўлса... Ортиқча беш-ўн тангалари бўлганда тўнғичларини омон сақлаб қолишмасмиди. Йигит ёшида бу дунёдан ҳеч нима кўрмай кетди бечора. Пахта теримига чиқиб, ўпкасини шамолга олдириб қўйди-ю,

ўнгланмади, қийнала-қийнала жон берди. Ота бояқиш «юртим, халқим», деб юраверган экан. Боладан ажралди-ю, юрти, халқи у ёқда қолиб, ўз жони ҳам кўзига кўринмади. Устидаги мотам либосини ечмай, боласи ортидан кетди...

«Эркинжон болам, онанг мен билан турмуш қуриб рўшнолик кўрмади, сен уни ўкситма». Унинг кетар чоғидаги васияти шу бўлди. Ана энди онасини бошида кўтариб юриши, нохуш шамоллардан асраши, бу муштипарга бахт нима эканини англатиши зарур бўлган фарзанд шу совуқ ғиштин бино ичида ўтирибди. Нима қиляпти у ерда, уни қийнашяптимикин, ё...

Шу фикрнинг ўзиданоқ она юраги потирлаб, ёрилиб кетай деди.

Кечгача ўйлаши керак... Кўмилган қоғозларни, китобларни бериб юборса қутулармикин? Ё «нимага беркитгансанлар, бир айбларинг бор», деб баттар қилармикин?

Она нима қиларини билмай турганида, катта эшик очилиб, бир аскар кўринди. У ёқ-бу ёққа аланглади-да, сўнг унга яқинлашди.
— Мираббосова сенмисан?-деди у дағдаға оҳангида.
— Менман...-деди она синиқ овозда.
— Уйингга жўна. Ҳали кечқурун боришади. Жилмай ўтир. Буйруқ шунақа.
— Ўғлим... Ўғлим-чи?- деб сўради она, умид чинниси синган одам овозида.
— Ўғлингни билмайман. Бор, жўна.

Она унинг маъносиз кўзларига умидвор нигоҳ билан боқиб, жиндак бўлса ҳам меҳр излади. Йўқ, меҳр топмади. Бу аскарнинг қарашлари совуқ, кўз косасига иккита муз парчаси солиб кўйилгандек эди.

Она ундан узоқлаша бошлади. Оёқлари тошдай зил, босишга мажол йўқ эди. У анча вақтгача орқадан овоз келиб: «Тўхтанг, ана, ўғлингиз чиқяпти. Бирга кетасизлар», дейилишини илинж билан кутди. Озгина юргач, ҳали сўнмаган умид уни тўхтаб, ортига ўгирилишга мажбур этди. Қаради: муз кўзли аскар кўринмади.

«...нимага боришади? Нимага кечқурун боришади?..» деган савол уни хаёлнинг турли хавотир кўчаларига бошлади. Уйига яқинлашгач, «болажонимни қўйворишган бўлса уйда кутиб ўтирганмикин?» деган умидли хаёл чақмоқ сингари ярқ этиб, зулмат кўнглига ёруғлик берди. Зил-замбил оёқлари ҳатто енгиллашгандай туюлди. Шошиб эшикни очди. Ҳовлидан Эркиннинг «Ойижон!» деган овози эшитилгандай бўлди. Онанинг юраги яна потирлади. Нафаси қайтиб, кўзлари тинди. Эркини, Эркинжони яна бир марта «Ойижон!!» дермикин, деб кутди. Йўқ, ҳовли ҳувиллаб ётарди. Она уйига сиғмай, кўчага чиқди. Ўзи билмаган ҳолда акасиникига қараб юрди. Акаси уйда экан. Уни сал чўчиброқ қарши олди.
— Нимага келдинг, бунақа пайтда уйда ўтириш керак. Орқангдан одам тушган бўлса...-у шундай деб кўча эшикни қия очиб, ташқарига мўралади.
— Ойимни олиб кетаман. Анавилар...кечқурун келишаркан. Ёлғизман... қўрқаман...-деди она синиқ овозда. Бу ерга у далда илинжида келган эди. Акасининг кўрқаётганидан билдики, далдага умид қилиш - чўкаётган одамнинг хасга ёпишишидай бир гап. Ўз аканг шундай деб турса...

Кампир қизини бағрига босиб, ҳўнг-ҳўнг йиғлади.
— Кеча оқшом эшитганимдан бери адойи тамом бўлдим, борай десам, аканг омон бўлгур кўймайди. Замон оғирлашиб кетганмиш, нима қилай, қон ютиб ўтирибман.
— Анавилар кечқурун келишармиш, ёлғизман...
— Бораман, болам, бораман. Бу ерда қон қақшаб ўтиришга бошқа тоқатим етмайди.

Онасининг бу қароридан кейин акаси ён босишга мажбур бўлди, бироқ, шарт қўйди:
— Сен кетавер, бирга юрганингларни бегона кўз кўрмасин, орқангдан ўзлари етиб борадилар.



Муз кўзли аскарнинг буйруғига итоат этган она қамоқхонадан узоқлашаётган дамда қўллари орқага қайрилган Эркин Жавлоннинг хонасига кириб келган эди. Жавлон бу ўжар йигитчанинг кўзларидан ниманидир уқмоқчи бўлгандай қаттиқ тикилди. Эркиннинг кўзларида уйқусизлик, очлик азоби зоҳир эди. Жавлонга ҳудди шу керак: бола азобга банди бўлганми, йўқми - шуни билиш истагида тикилганди. Излаганини топиб, юзига ғолиб одамнинг масрур кулгуси югурди.
— Ўтир, онанг овқат олиб келибди, еб ол,-деди у мулойимлашиб.

Эркин стол устидаги тунука коса, буғи кўтарилиб турган шўрва, бир бурда нонни кўриб, ютинди. Лекин сир бой бергиси, бу одамнинг марҳаматидан фойдалангиси келмади.
— Қорним тўқ.-деб юзини четга бурди.

Жавлон унга яқинлашиб бўйнидан ушлади-да, стол томон итарди.
— Ўтир, еб ол, тирранча! Сенга ким қўйибди аразлашни. Қорнингни тўйғазиб, битта саволимга жавоб бергин-у, жўнаб қол, онанг кутиб турибди кўчада.

Эркин ўтириб, қўлига қошиқ олди. Шўрва томоғини куйдириб ўтди. Шўрва ниҳоятда шўр эди. «Майли, бир-икки қошиқ ичай, яна сулайиб чиқмай кўчага...» деб ўйлади у. Шу пайт аскар йигит қайнаб турган самовар олиб кириб кўйди. «Чой ҳам бераркан», деб кўнглидан ўтказди Эркин. «Яна бир қошиқ... кейин ичмайман...» деб ўтириб, косани бўшатди. Шундан кейин ичи ёна бошлади. «Бу одам нега чой дамламаяпти?» деб кутди. Жавлон эса самоварга ҳатто қараб ҳамқўймади.
— Қорнинг тўйдими? Энди айт: отангнинг қоғозлари, кундаликлари қаерда?
— Ёқиб юборганмиз.

Кечаги савол-жавоб, кечаги томоша қайтадан бошланди. Йўқ, томоша айнан кечагидай эмасди. Кечаги дадиллиги энди Эркинни тарк этган, аксинча, уйқусиз ўтган икки тун, очлик азобига қўшилган ташналик ҳукмини ўтказа бошлаган эди. У ўзини аранг тутиб турарди.
— Дадангнинг кундаликларини ўқиганмисан?
— Йўқ...
— Унда нима учун ёқдинг?
— Кераксиз қоғозлар деб ўйлабман.
— Бекор айтибсан! Ўқигансан. Бу кундалик отангни халқ душмани сифатида фош қилиб қўйишидан қўрққансан.
— Дадам душман эмас эдилар! -Эркин шундай деб бақириб, шарт ўрнидан турди. Лекин Жавлон уни елкасидан чангаллаб, жойига босиб ўтқазди.
— Мен ўқиганман, отангнинг кундалигини. Душманлик уфуриб турган сатрлари ҳали ёдимдан кўтарилгани йўқ: «Халқ ночор, халқ юпун, халқ ўлим тўшагидаги бемор. Бунга сабаб: юмшоқ ўриндиқда кекириб ўтирган ўртоқларнинг ўзлари думба чайнаб, чандирни халққа отиши, қаймоқ ялаб, шилдир сувни халққа бериши, палов ошалаб, ювиндини халққа раво кўришидир...» Шуларни отанг ёзган, а? Ҳа, ёзган. Сен эса ўқигансан, ўқиб туриб фикринг захарланган. Бунақа гапларни фақат душман айтади. Қани ўша кундалик, қаерга яширдинг? Ёқиб юборганингга ишонмайман. Барибир топаман. Сенинг эса терингни шилиб, ичига сомон тиқаман. Онангни эса оёғидан осаман. Айт!
— Ёқиб юборганмиз...

«Ҳозир сен болани шундай сайратайки...»

Жавлон самовор қопқоғини очиб, томизғичга қайноқ сув тўлдирди-да, Эркиннинг орқа томонига ўтди. Йигитчанинг бошига бир томчи қайноқ сув томизди. Кутилмаган оғриқдан Эркин сакраб тушди. Қайноқ томчи миясидан кириб, товонидан чиққандай бўлди. Жавлон уни елкасидан босиб, жойига ўтқазгач, бошига яна бир томчи қайноқ сув томизди. Эркин бу сафар дод деб юборди. Даҳлизда кутиб турган аскар ичкари кириб, Эркиннинг қўлларини қайириб, стул суянчиғига боғлади. Жавлон бир неча нафасдан сўнг яна қайноқ сув томизди. Эркин бу азобларга узоқ дош бера олмади - ҳушидан кетди.

Эркинни икки аскар суяб олиб чиқди. Жавлон унинг орқасидан қараб захарханда билан «Тирранча!» деб сўкиниб қўйди-да, телефон дастагини кўтарди:
— Вадим Акопович, терговни тугатдим. Мираббосовнинг халқ душмани экани тасдиқланди. Ҳа, узоқ йиллар мобайнида болшевик ниқобида юрган. Ўн тўққизинчи йилда Бухоро амири билан шахсан учрашган. Шундан бери Совет ҳокимиятига қарши пинҳона равишда курашиб келган. Сири фош бўладиган пайтда ўзини ўзи ўлдирган. Ўғлининг озодликда қолиши совет ҳокимияти учун ғоят хавфли. Дунёқараши аксилинқилобий... Ҳа, ашаддий миллатчи! Фикримми?.. Қамоқ муддатини камида йигирма беш йил деб белгилаш. Ҳа, икки соатдан кейин «учлик»нинг қарорини тайёрлаб, ҳузурингизга кираман.

У телефон дастагини қўйгач, чуқур тин олди. «Бир пайтлар менинг уруғимни қуритмоқчи эди. Сал вақтлироқ ўлди-да, уруғ қуритиш қанақа бўлишини кўриб кетарди», деб ўзидан ўзи қувонди-да, «миллатчи унсур Эркин Мираббосовни йигирма беш йил озодликдан маҳрум қилиш» ҳақидаги уч кишидан иборат ҳайъатнинг қарорини ёза бошлади.

Эркин муздай хонада ўзига келди. Қаддини кўтариб, бошини ушлаб кўрди. Назарида боя чарм курткали одам бошига ўткир михларни қоқиб ташлагандай бўлган эди. Ҳозир негадир оғриқни сезмади. Аммо ташналик азоби буровга олди. Кўкрагини муздай тошга бериб ётди -ҳаловат топмади. Ўрнидан турди. Юзини деворга босди - ором ололмади. Соқчини чақириб, сув сўрамоқчи бўлди. Бир қадам босди-ю, тўхтади. «Буларга ялинмайман!» деб жойига қайтди. Шунда... қулоклари остида сувнинг майин ва ёқимли жилдираши эшитилгандай туюлди. Ҳовлиларининг нақ белини кесиб ўтувчи ариқ кўзига кўринди: суви тип-тиниқ... ариқ тубидаги қизғиш ўтлар худди қизларнинг қирқкокилидай биланглайди. Ҳозир... онаси тандирдан узган нонни сувга ташлаб, оқизоқ қилади, сўнг ариқ лабига кўкрагини бериб ётиб олиб, сувни симириб-симириб ичади...

Тасаввуридаги сув ташналик азобини баттар оширди. Эркин кўзларини чирт юмиб, қулоқларини кафтлари билан беркитиб олди. Шу аҳволда узоқ ўтирди. Азобларни эсламасликка, бошқа воқеаларни ўйлашга ҳаракат қилди. Ўйлари айланиб келиб, сўроққа тақалаверди.

Шунча азоблар етамагандай кўнгли беҳузур бўлиб ўқчиди. Қорни бураб оғриб, букчайиб қолди. Кўз олдига, худди кечагидай, яна қонли дарё келиб, қамоқхона шу дарёдаги пачоқ кемадай чайқала бошлади. Эркинни бағрига олган бу пачоқ кемани бир оздан сўнг зимистон ютди. Шунда ўзини сал енгил хис қилгандай бўлди. Аммо бу ҳол узоқ чўзилмади. Кўзларини очиб яна совуқ девор, темир эшик, темир панжарали дарчани кўрди. Ичакларини бир нима аямай ёндираверди. Қулоғи остида шилдираётган сув энди шаршара каби шовуллади. Тасаввуридаги ариқ кенгайиб, анҳорга айланди. Анҳор суви кўпириб, тошиб, қамоқхона томон оқа бошлади. Дарвозаларни бузиб кириб, темир панжарали дарчага етиб келди. Эркин беихтиёр равишда тепага қараб, оғзини очди. Кўзига кўринган сув анҳордан оқиб келган эмас, балки хаёлидан тошиб чиққан эди. Буни англаб, аламдан дод деб юборай деди. Деворга мушт урди. Тиз чўкиб ўтириб олди. Кейин ичи куйгандан куйиб, бир оз ором оларман деган мақсадда яланғоч кўкрагини совуқ тошга босди. Ичидаги олов алангаси пасайгандек туюлди. Энди юзини ҳам тошга қўйди. Назарида тош намдек эди - тилини чиқариб, тошни ялади. Бу чора ҳам озгина муддатгина фойда берди. Ичидаги оташ тошдаги муздан ғолиб келди. Эркин энди соқчини чақириб ёрдам сўрашни ўйламас эди. Чарм курткали одамнинг терговини ҳам эсламасди. У азоб тўлғоғига буткул банди бўлган эди. У тош устида типирчилай-типирчилай ҳолдан кетди. Ташналик ҳам, ичакларининг бураб тортиши ҳам барҳам топгандай тинчиди. Маъносиз боқаётган кўзларини темир панжарали дарчага қадади. Унинг лаблари емиш кутаётган полопон оғзи каби очиқ эди. Оғир меҳнат қилиб ҳориган одамдай калта-калта нафас олар эди.

У дарчага қараб нажот кутар эди. Темир панжарага парво қилмай ёриб кираётган ёруғлик билан наҳот нажот ҳам кирмаса, наҳот бир томчигина сув тушмаса? Онаси кўчадамикин? Бақирса эшитармикин?

Эркин бақирмоқчи эди - овози заифгина хирқиради. Боши айланиб, кўзларини юмди. Кўзини очиб... темир панжара ортида акасини кўрди. Қалдирғоч мўйлов ярашиб турган ўша меҳрибон чеҳра. Ўша меҳрибон жилмайиш...

«Укажоним, сенга нима бўлди?»

«Акажон, сув беринг, ёниб кетяпман...»

«Бир ҳовучгина сув қолибди, ма, ич...»

Деразадан сочилган сув тош устига тўкилди. Эркин оғзини очганича қолаверди.

«Нимага келдингиз, ака? Ахир сиз...»

«Сени қийнашаётганини билиб келдим ёнингга. Кийналсанг ҳам чида, айтиб қўймагин. Дадамни бадном қилишмоқчи булар. Кундаликдаги гапларни биласан-ку?»

«Биламан. Одамлар бекордан-бекорга қулоқ қилиняпти, одамлар бекордан-бекорга азобга тортиляпти», деганлар. Булар мени ўлдиришса ўлдиришсин, лекин сир олишолмайди».

«Ҳа... ўлсанг - ўл, лекин айта кўрма. Сен эркаксан. Сенда кучли ирода бор. Улар иродали одамлардан кўрқишади. Шунинг учун қийнашяпти. Сен чида. Мен яна сув олиб келаман...»

Акаси кўринмай қолди. Эркин кўзларини юмди. Акасининг овозини яна эшитиб, кўзларини ялт этиб очди. Акаси ҳовучидаги сувни тўкди. Сув пастга етиб келмади, зарраларга бўлиниб, сочилиб кетди.

«Ака, сизларнинг олдингизга боргим келяпти, нима қилай?»

«Кела қол, укажоним. Дадам ҳам айтиб юбордилар, сени соғиндик. Сен билагингдаги томирни тишлаб уз. Шунда бизнинг олдимизга ҳур қуш бўлиб учиб келасан. Бўла қол, сени соғиниб-соғиниб кутяпмиз...»

Эркин кўзини юмиб-очди, акаси кўринмади. Билагини аста тишлади. Жони оғриб, қўлини тортиб олди. Баданидаги оғриқлар яна қўзғолиб, тош устида типирчилай бошлади. Акасининг гаплари қулоқлари остида қайта жаранглагач, жон аччиғида билагини тишлади - бу сафар оғриқ сезилмади.Тишини қаттиқроқ ботирди. Ақл-ҳушини йўқотаёзган Эркин билагини шартта-шартта тишлайверди. Томиридан отилган илиқ қон юзига тегиб, кўнгли беҳузур бўлди. Тасаввуридаги дарёда сув эмас, қон мавж урди. Қон мавжлари устида қамоқхона, қамоқхона ичида эса Эркин чайқалди. Чайқала-чайқала ҳушидан кетди. У акаси айтганидай енгил учди.

Уча-уча дадаси томон йўл олди.

***


Айни бу дамда Жавлон уларнинг ҳовлисида итнинг ёғоч уйини сурдириб, хумни кавлатиб олдирди. Қоғозлар ичидан кераклисини топиб, кўнгли равшанлашди. «Жавлон Жабборов унсурлар тўдаси билан яширин тил боғлаганини бўйнига олди. Айбини қон билан ювишга онт ичди. Ҳайъат унинг қасамини инобатга олиб, болшевиклар сафида бир йиллик синов муддати билан қолдирди. Мажлис раиси Мираббосов... 1919 йил».
— Ўғлим қачон келади?-деди она Жавлонга умидли нигоҳини қадаб.
— Кут, келади,-деди Жавлон эътиборсиз оҳангда. Кейин қоғозлар, китоблар боғламини кўтарган аскар йигитлар орқасидан юриб, кўчага чиқди.

Эртасига ҳовли ҳувиллади: тонгда онани ҳам олиб кетдилар.

  1. Асл номи «НКВД» - «Народний комиссариат внутренних дел». Кейинчалик «СССР Ички ишлар министрлиги» деб номланган.