OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

5 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифТоҳир Малик
Асар номиИлмли бозор (ҳажвия)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Ҳажв
Муаллифлар
   - Тоҳир Малик
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳажвиялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм7KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/10/05
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Илмли бозор (ҳажвия)
Тоҳир Малик

«
Ҳеч қаерда содир бўлмаган ҳангома
»

Нафасингдан айланай, бу Йўққулобод деган жойда не-не ажойиботлар бўлмайди. Мана, бозор деганда биз қандай манзарани кўз олдимизга келтирамиз? Бир мошин қовунни туширгач, эски чопонини буклаб, тагига якандоз қилиб олиб, носни отволиб, савдо қилувчи деҳқонними? Садағанг кетай, Йўққулободда бошқачароқ, у томонларда бозор илмийлашиб кетган. Шунақасини эшитмаганман, дейсизми? Менам эшитмаганман, лекин Йўққулободдан бир ҳангома келиб қолган эди, ишонишдан ўзга чорам қолмади. Келинг, менга бегона эмассиз, сиз ҳам эшитиб кўринг: биз ўзимизнинг бозорда «бозоркўм» деган мартабали одам бўлишини биламиз. Йўққулободдаги бозоркўм мактабни аранг битирган, ўнта бармоғини бир амаллаб санай оладиганлардан эмас. Аксинча, нақ филология фанлари номзоди! Сал оширвордикми? Майли, унда омади чопмаган олий маълумотли шоирлардан биридир. Йўққулободда бошқача бўлиши мумкинмас, чунки бозорга гапдон, сўзамол одам керак. Бир куни Йўққулободдаги катта бозорга қўшни сайёрадан меҳмонлар келди. Бозоркўм уларни айлантириб юрибди. Яхшики, меҳмонлар «Сиз қандай қилиб бу мартабани эгалладингиз?» деб сўрашмади. Сўраб қолишсами,номзоди бозоркўмлик рўйхатида турган иккита иқтисодчи, учта биологни доғда қолдирганини айтишга мажбур бўлармиди? Шунда ҳам киндиги юқори мартабали бир одамнинг киндиги билан уланганлигини айтмай, суваб кетарди. Аслини олганда меҳмонларга бунинг қизиғи ҳам йўқ. Хуллас, бозоркўм ўзига тобе салтанатини қойилмақом қилиб таништирди:
— Мана гўшт бозорининг салоҳияти билан танишинг: калла гўшти сотаётган йигит тўрт йил раён касалхонасида невропатолог бўлиб ишлаган. Каллага доир барча илмларга эга. Анави мол оёқларини сотаётган синглимиз икки йил давомида медитсина институтида травмотология бўлимида ўқиганлар. Насиб бўлса, бу йил ўқишни контракт асосида тиклаб, ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда илм олишни давом эттирадилар. Энди бу томонга қаранглар: рўмол сотаётган биродаримизни кўряпсизми? Бу киши кимё фанлари номзоди бўладилар. Ҳар қандай матодаги табиий ип билан сунъий кимёвий толаларни бир пасда ажратиб берадилар. Бу кишининг завжаи муҳтарамалари ҳам кимёгар бўладилар. Бу хоним ширин ичимликлар сотуви билан бандлар. Аммо бугун келмаганлар, аммалариникида бешик тўйи экан. Энди электр бўлимига ўтайлик: сим ўлчаётган кишига эътиборингизни тортамиз: бу киши нақ йигирма йил мактабда ёш авлодга физикадан дарс берганлар. Электр буюмларининг сарасини ҳамма шу кишидан олади. Радио буюмлари билан савдо қилаётган дўстимиз бозоримизнинг фахри. У Йўққулобод чемпионларини ҳам ютиб ташлайдиган шахматчи робот ясаганлардан. Чойнак-пиёла сотаётган синглимиз геология соҳасида диссертатсия ёқламоқчи бўлганида озгина билими етишмай қолган экан. Биз бозор аҳли номидан бу синглимизга топшириқ берганмиз. Бу йил қандай қилиб бўлса ҳам диссертатсия ёқлашлари керак. Биз бозоримиздаги фан номзодлари сонини кўпайтиришга ҳаракат қилишимиз шарт. Чунки қўшни вилоят бозоридагилар бу соҳада биздан анча илгарилаб кетишган. Аммо биз юк ташувчилар орасида олий маълумотлилар кўплиги бўйича улардан олдиндамиз. Бу ҳам бизнинг фахрли кўрсатгичимиздир.

Бозоркўм шундай илҳом билан таништираётганида ёнларидан эски пахталик кийиб олган паттачи йигит ўтиб қолсами? У паттачини танимайдигандай тескари қараб олди. Агар меҳмонлар «бу ким?» деб сўрашса, нима дерди? «Еттинчи синфнинг ярмидан кейин мактаб нималигини билмай юрган бола бу» дермиди? Илмли бозор деган номга бу тўғри келадими? Аслида, бозоркўм бу паттачининг баҳридан ўтса бўларди. Математик қўшниси бу ишга анчадан бери харидор. Пича хамир учидан патир ҳам бериб қўйган. Аммо нима қилсин, ноилож бу бечора. Агар шу паттачи ўзининг куёви бўлмаганида, аллақачон бу саводсизнинг баҳридан ўтиб юборган бўларди-я!

Ана шунақа, Йўққулободдан юборилган ҳангоманинг қисқа баёни билан танишиб ҳам олдингиз. Бир пасда қандай ажойиботларга гувоҳ бўлдик-а? Энди садағанг кетайлар, бу гаплар орамизда қола қолсин. Тасаввуримиз дарвозаларини ёпиб қўя қолайлик. А, лаббай?