OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

5 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифТоҳир Малик
Асар номиЖиноятнинг узун йўли (I- қисм)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Тоҳир Малик
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Қиссалар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм278KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2011/07/21
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Жиноятнинг узун йўли (I- қисм)
Тоҳир Малик

Муқаддима

Бугун мамлакатимизда Тоҳир Малик китоблари кириб бормаган хонадон йўқ ҳисоби. “Шайтанат”, “Алвидо, болалик”, “Сўнгги ўқ”... Адиб асарларида жиноятчилик олами, унинг қулларига айланиб қолган бандалар фожиаси, айниқса, ёшлар, ўсмирларнинг ушбу жирканч муҳит тўрига тушиб қолганлари таҳлил қилинади.

Эътиборингизга ҳавола қилинаётган “Жиноятнинг узун йўли” рисоласида ўсмир-ёшларнинг тўғри йўлдан адашишлари сабаблари ҳақида мулоҳаза юритилган. Ўйлаймизки, севимли ёзувчингизнинг ушбу асари ҳам Сизда катта қизиқиш уйғотади.

Тоҳир МАЛИК

Остона

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Бизларни яратган, бу кунларга етказган, фарзанду набиралар берган роббимиз Оллоҳга беҳисоб-беҳисоб равишда ҳамдларимиз бўлсин. Оллоҳ таолони поклаб ёд этганимиз ҳолда бермиш энг улуғ неъматлари — фарзанду набираларимизни ёмон назарлардан, қора ниятлиларнинг қора ниятларидан, золимларнинг зулмидан ҳамиша асрамоғини, соғлик ва омонлик, иймон ва диёнат билан вояга етмоқликларини насиб этмоғини сўраб дуолар қиламиз.

Фарзандлар ҳаққига дуо қилиб сўз бошлашимиз бежиз эмас. Мазкур рисолани қўлга олган сиз — азизларнинг бирингиз эҳтимол кечагина тўнғич фарзандингиз ёки набирангизнинг туғилиши муносабати билан суюнчилар улашгандирсиз. Бирингиз ўғлингиз ёки қизингизни унаштириб, уларга Оллоҳдан бахт тилаётгандирсиз. Фурсатдан фойдаланиб, биз ҳам сизга қўшилиб уларни дуо қиламиз. Яратган Оллоҳ кўп қатори уларга ҳам ширин-ширин фарзандлар берсин.

Хонадонда фарзанднинг туғилиши — Оллоҳ насиб этган улуғ неъматга эга бўлиш беқиёс бахт ҳисобланади. Бола туғилиши билан ота билан онанинг, бобо билан бувининг ва бошқа қариндошларнинг қалбида ширин бир умид ҳам туғилади. Энди хонадон келажакда ушалажак умид билан яшай бошлайди. Бу умид баъзан тилга кўчади: “Фарзандимиз фалон-фалон мартабаларга эришсин...” каби ниятлар айтилиб, дуолар қилинади. Фарзанд улғая борган сайин қалбдаги умид қанотларини кенг ёяверади.

Ана шунда... Худо кўрсатмасину... аммо кимларнингдир қалбларидаги умид қанотлари бехос синади. Кутилажак бахт қора тунга, шодлик қайғуга айланади.

Ана шунда... “Бу фожиага ким сабабчи?” “Фожиа қачон бошланган эди?”, деган саволларга жавоб излаш бошланади.

Ана шунда... Айбни ўзимиздан эмас, бошқалардан қидирамиз.

Қалбда ширин умиднинг туғилгани яхши. Хайрли дуолар янада яхши. Бироқ, фарзанднинг бахтиёрлиги учун бу кифоя эмас.

Ҳеч ким боласи туғилганида “Болам ўғриликни касб этсин” ёки “Гиёҳвандларга қўшилсин”, деб умидвор бўлмайди. Дуо ҳам қилмайди. Афсуским, айрим ҳолларда яхши умиди ушалмай, кутмагани бир фожиага йўлиқиб, доғда қолади.

Нега шундай?

Яқинда суд идорасида бир кишининг ҳўнграб йиғлагани диққатимни тортди. У суд ҳукмидан норози бўлиб, “Ўғлим ўғри эмас, у молларни сотган холос, ўғирланганини билмаган”, деб йиғларди. Унга кимдир ачинарди. Кимдир эса... Биз ҳам ачинамиз. Ҳар ҳолда ўзи емай едириб, ўзи киймай кийдириб, боласининг оёғига тикон кирса ўз қалби яраланган ота ёки онанинг бундай фожиага дуч келгандаги аҳволини тушуниш керак. Лекин бу жиноятга олиб келган у з у н йўлни ҳам диққатдан қочирмаслик лозим. Биз “узун” сўзига бежиз урғу бермадик. Шунчаки “Жиноят йўли”, деб қўйсак ҳам бўларди. Ўйлаб қаралса, баён қилганимиз жиноятнинг тарихи узун эмасдек: кимдир ўғирлик молларни олиб келиб бергану йигитча сотаётганида қўлга тушган. Бу воқеа учун ота ёки онани ҳам айблаб бўлмас. Лекин масалани чуқурроқ таҳлил этсак, ўзгача манзарани кўрамиз.

Бу воқеанинг таҳлилига насиб этса яна қайтармиз. Ҳозир эса рисолани ёзмоқдан мақсадимизни англатсак: демак, жиноятнинг йўлини “узун” деб изоҳладик. Хўш, бу узун йўл қачон ва қайси нуқтада бошланади? Ҳеч бир бола жиноятчи бўлиб туғилмас экан, ҳеч бир ота-она фарзандининг ёмон йўлларда санқишини орзу қилмас экан, ҳаёт йўлининг қайси нуқтасида нохуш бурилиш содир бўлди? Бу бурилишни ким биринчи бўлиб пайқаши, ким биринчи бўлиб чора кўрмоғи жоиз эди? Ота-онами, мактабми, милитсиями ё қўни-қўшниларми? Мазкур рисола орқали сизлар билан шу хусусда баҳс юритишни ният қилганмиз. Аввалдан узр сўраб айтамизки, мақсадимиз сиз азизларга ақл ўргатиш эмас. Мазкур рисолани қўлга олувчилар орасида ҳаётнинг энг мураккаб муаммоларига ҳам жавоб топишга қодир донишманд биродарларимиз борлигини ҳозирдан сезиб турибмиз. Биз ҳам кўп қатори ҳаётни, хусусан ўсмирлар ҳаётини, янада аниқроқ айтсак, жиноят оламига кириб қолганлар ҳаётини кузатиб, таҳлил қилиб, маълум бир фикрларга келганмиз. Баён қилажагимиз фикрлар сизларни балки ўйлантирар, балки рад этарсиз. Шу боис ҳам рисоладан мақсадни сизлар билан ғойибона тарзда бўлса ҳам баҳслашмоқдан иборат, деб белгиладик.

Демак, сиз билан бизни қизиқтирган дастлабки масала:

Бурилиш нуқтаси ёки “ким айбдор?”

  • “Фалончи”нинг касри

  • Бигизга айланган тўғнағич

  • Ўғрининг боласи — ўғрими?

  • Ўғил исён этдими?

Масалани “бурилиш нуқтаси” деб белгиладигу аммо, бунга ҳеч ким аниқ жавоб беролмаса керак, деб ўйлаймиз. Ҳар бир жиноят йўлининг ўзига хос бошланиш нуқтаси мавжудлиги маълум. Уни белгилашда ота-она бир, мактаб бошқа, милитсия эса, ўзга фикрда бўлади. Юқоридаги воқеага қайтсак, милитсия учун муҳими — ўғирлик моллар сотилаётган пайтда жиноятчи қўлга олинди. Сотувчи ўсмир мактабда яхши ўқиганми, отасининг гапини икки қилмаганми каби масалалар милитсияни мутлақо қизиқтирмайди. Агар бу воқеадан мактаб аҳли хабар топса “Отаси боланинг ўқишидан бохабар бўлиб турганида, мактабдан чиқариб олмаганида бошига бу ташвиш тушмас эди”, деган хулосага келишади. Демак, улар тўғри ҳаёт йўлининг жиноят сўқмоғига бурилувчи нуқтасини айнан боланинг мактабдан кетган онидан деб белгилашади. Ота-она эса боланинг бозорда “фалончи” билан топишиб қолган кунини лаънатлашади. “Ўша “фалончи” билан яқинлашмаганида бу кўргилик йўқ эди”, деган тўхтамга келишади.

Бизнингча эса, бу балоли йўлнинг бошланишини анча илгарироқдан излаш керак бўлади. Бир ривоятни турли хилда кўп эшитамиз: ота донишманддан “Боламнинг тарбиясини қачон бошлай?” деб сўрабди. “Болангиз неча ёшда?” деб қизиқибди донишманд. “Бир ойлик бўлди”, деган жавобни эшитган донишманд: “Бир ой кечикибсиз”, деган экан. Бу гап айримларга шунчаки олиб қочишдек туюлади. Кўпчилик болани туғилган онидан бошлаб қандай тарбия қилиш мумкинлигини тасаввур эта олмайди. Бола уч кунлигидаёқ онасини бошқалардан ажрата олиши тўғрисидаги ҳақиқатга ҳам айримлар ишонишмас. Унда мана бу илмий тадқиқотга нима деймиз? Тадқиқотчи олимлар бир ҳомиладор аёлга ҳар куни айни бир вақтда фақат битта эртакни сўзлашган. Бола туғилиб, олти ёшга етганда турли эртакларни сўзлаб бера бошлашган. Аёл ҳомиладорлик даврида тинглаган эртакка гал келганида, дастлабки жумлаларни эшитибоқ бола “Мен бу эртакни биламан”, деб сўзлаб берган. Бу ривоят эмас, илмий ҳақиқат! Демак, бола онанинг қорнида эканидаёқ ташқи дунё билан алоқада бўлар экан. Шунданмикин, донишмандлар “тарбия бола туғилмасидан аввал бошланса янада яхши”, дейишган экан.

Ровийлар дерларки, бир шаҳарнинг мешкобчиси тақводор донишмандга арз қилибди: “Ўғлингиз ҳар куни бигиз билан мешларимни тешяпти. Сиздай улуғ одамнинг фарзандига шу иш муносибми?” Донишманд мулзам бўлиб, узр сўрабди, мешларнинг ҳаққини тўлабди-да, хотинини чақириб воқеани баён қилибди. Сўнг “Биз боламизга бундай тарбия бермаган эдик. Луқмасига ҳаром аралашиб қолмадими экан?” — деб сўрабди. Хотини пича ўйлагач: “Эй хожам, сиз нима топиб келган бўлсангиз биз ўшанигина еймиз. Биздан гумонингиз ноўриндир”, — дебди. Донишманд эса: “Мен уйга ҳаром луқма келтирганимни эслай олмаяпман. Тонгга қадар яна ўйлайлик”,- дебди. Тонгда хотини айбдор одамнинг синиқ овози билан дебди: “Эй муҳтарам хожам, бир воқеани бехос ёдладим: шу болага ҳомиладор эканимда меҳмонга бориб эдим. Дастурхон ноз-неъматга тўла эди. Ундаги пўртахўл (апелсин) иштаҳамни қитиқлаб, нафсимни ўзимга ҳукмрон қилиб қўйди. Эшитиб эдим-ки, ҳомиладорлик чоғида аёл егиси келган нарсадан татиб кўра олмаса боласи ногирон бўлиб туғилмоғи мумкин экан. Мезбон нечундир “олинг, енг” демади. Нафсим эса, тинчимади. Оқибат, мезбон чиқиб кетгач, пўртахўлни қўлимга олиб, тўғнағич игнаси билан аста тешдим-да, бир томчи шарбатини симирдим. Сўраб олинмагани учун балки шу луқма ҳаром бўлгандир?” Хотинининг иқрорини эшитган тақводор донишманд: “Ҳа, баракалла! Англаб етибсиз. Сиз ўн йил аввал ризоликсиз қўлга олган кичкина пўртахўл бугун катта мешга, тўғнағичингизнинг кичкина игнаси эса, энди ўғлингиз қўлидаги бигизга айланибди. Тезда ўша хонадонга боринг-у воқеани баён қилиб, ўша бир томчи шарбат учун розилик олинг”, — деган экан.

Ҳали туғилмаган боланинг тарбияси ҳақида гапирилганда истаймизми-истамаймизми, нафс ва луқмаи ҳалол ҳақида ўйлаб кўришимизга тўғри келади. Болани ҳалол йўл орқали топилган ош-нон билан таомлантирмоқликнинг афзаллиги ҳақида барча замонларда, барча жамиятларда, барча динларда таъкидланиб келинган. Ҳаром йўл билан, яъни, бировнинг ҳақига хиёнат қилиб, кимнидир норизо этиб топилган ноннинг оқибат ҳалокат келтирмоғидан огоҳлантиришган. Биров бу таъкидларга, бу огоҳлантиришларга қулоқ тутган. Луқманинг ҳалоллигига қатъий риоя қилган. Бир эмас, ярим коса таом билан кифояланган, йилда уч-тўрт эмас, икки-уч йилда бир янги кийим кийган, сабрни ҳар нарсадан устун қўйган ва бунинг эвазига икки дунё саодатини топган. Бошқа бировлар эса, бу таъкид, огоҳлантиришларни назар-писанд қилмаган. Оқибатда ҳам жисмоний, ҳам руҳий азоблар билан «тақдирланган».

Бир ривоятни айтиб беришган эди. Инсоннинг тарбияси учун фойдали, деб ўйлаймиз. Ҳали туғилмаган болани ҳалол луқма билан таъминлаш ҳақидаги фикримизни шу ривоят билан қувватлантиришни лозим топдик:

Бир бола юртнинг донишманд кишисига салом берган экан, у зот алик олиб “Ҳа, ҳароми, сенмисан”, — деб қўйибди. Бу гапдан боланинг кўнгли оғриб, уйига йиғлаб борибди. Боланинг отаси воқеадан огоҳ бўлгач, ажабланиб, Донишмандга учраб дебдики: “Эй ҳурматли зот! Мени хотинимга ўзингиз никоҳлаб қўйган эдингиз. Бизнинг фарзандимиз нечун ҳароми бўлсин?” У отанинг норизолигига жавобан айтибдики: “Никоҳлаб қўйганим рост. Аммо, фалон йилнинг фалон куни сен кўчадан ўтатуриб катта бир ўтинни кўрдингу уни уйингга олиб келдинг. Хотининг шу ўтинни ёқиб таом пиширди. Икковинг шу таомни едиларинг ва қўшилдиларинг. Бунинг оқибатида шу боланг туғилди. Ўйлаб кўрчи, ўша ўтинни сен ҳалол йўл билан топиб, уйингга келтирганмидинг?”

Дейдиларки, “Қуш уясида кўрганини қилади”. Изоҳ беришимиз мумкинки, қуш ҳали уясида кўрмасиданоқ нималар қилишни билади. Инсон боласига келсак, айтадиларки, бола уйида намоз ўқиётган ота-онасини кўрса у ҳам шунга эргашади. Чекаётган ёки ичаётган ота-онани кўриб уларга тақлид қилади, уларнинг қилиғини қайтаради. Болаларнинг “меҳмон-меҳмон” ўйинини кузатсангиз бунга гувоҳ бўлишингиз мумкин. Бола ниҳоятда синчков, ниҳоятда кузатувчан бўлади. Сиз билан биз эътибор қилмаган ҳаракатни дарров ўзлаштиради, сиз билан биз эътиборсиз айтиб юборган сўзни қулоғига дарров қуйиб олади. Лекин намозхоннинг боласи ҳамиша ҳам намозхон бўлавермайди, ароқхўрнинг боласи эса, ароқхўрликни касб қилмайди. Бунга нима деймиз? Кўп ҳолларда зийрак болалар ароқхўрликнинг ҳалокатли оқибатини ёш эканликларидаёқ тушуниб етадилар. Оталарининг ёки оналарининг бу шармандали ҳолларидан уяладилар. Ароқхўрликка қарши қалбларида нафрат уйғонади ва улар шу нафрат билан улғайиб, бу иллатдан узоқлашадилар. Энди намозхоннинг бенамоз фар

зандлари ҳақида сўзласак: уламолардан биридан “Илмли, ҳатто қори одамларнинг фарзандлари нима учун эътиқодсиз чиқиб қолишади?” — деб сўраганимизда у жаноблари “Ўша илмлилар томоқларидан ўтаётган таомнинг ҳалол ёки ҳаромлигига бееътибор бўлганлар. Бу демак, илмларига амал қилмаганлар. Бунинг мукофотини эса, фарзандлари орқали олдилар”,- деб жавоб қайтардилар. Биз бу жавобдан қаноатландик. Сизга ҳам бу хулоса маъқул тушар, деб ўйлаймиз.

Тиббий жиҳатдан, аниқроғи ирсият қонунлари доирасида кузатадиган бўлсак, ота-оналарда мавжуд хафақонлик, сил, қанд каби хасталиклар орадан йиллар ўтиб фарзандда бош кўтаради. Ота-онанинг ташқи кўринишлари, овози, ҳатто юриш йўсини ҳам фарзандга кўчади. Шундай экан, феъл-атвори ҳам ўтиши маълум. Айни шу ўринда баҳсли мулоҳаза уйғониши мумкин: демак, ўғрининг боласи ўғри, тўғрининг боласи тўғри бўларкан-да? Фарзанд ота-онасининг ёмон иллатларидан қутула олмас эканда? Биз бу даъвони инкор этувчилар қаторидамиз ва аввалроқ баён этган фикримизда собит қоламиз. Ҳиндларнинг “Дайди” деган бир филми бўларди. Раж Капурни илк марта танитган бу филмни ўтган асрнинг эллигинчи йилларида одамлар йиғлаб-йиғлаб томоша қилишарди. Филмда муҳим ижтимоий масалалар кун тартибига қўйилган эди. Жага исмли ўғри судянинг “Ўғрининг боласи ўғри бўлади”, деган шиорини йўққа чиқариш учун унинг ўғлини ўғри қилиб тарбиялайди.

Шоирлар ҳаётни гулшанга қиёслашади. Чиндан ҳам жиноятлардан холи ҳаёт беқиёс даражада гўзалдир. Аммо, афсус шуки, бу гулшан орасида тиканаклар ҳам мавжуд. Диёнат олами билан ёнма-ён шайтанат олами ҳам яшайди. Улар орасида мустаҳкам девор йўқ. Адашган банда, айниқса ёш чоғида шайтонлар етовидаги оламга ўтиб қолиши мумкин. Бу оламнинг фақат битта йўлаги бор. Бу йўлак ҳар қандай одамни хорлик даштидаги ўлим чангалига олиб боради.

Юсуф Товаслий ҳазратлари бир ривоят айтадилар:

Халифа ҳазрат Умар яқинлари билан суҳбат қуриб ўтирганларида бир кекса одам хонага ўғлини бошлаб кириб шикоятини баён қилибди:
— Я Амирал-мўъминин! Кўриб турганингиз бу йигит каминанинг ўғлидир. Аммо, у фарзандлик бурчидан бўйин товлайди, сўзларимга қулоқ осмайди.

Бу шикоятни эшитиб ажабланган ҳазрат Умар нобоп ўғилга хитоб қилибдилар:
— Эй ўғил, сен Оллоҳдан қўрқмайсанми! Ўғилнинг отага қарши чиқмоғини қайдан ўргандинг? Отангнинг сенда ҳақлари бор, уларни қандай узмоқчисан?

Йигит бир оз мулзам бўлгани ҳолда аста жавоб қайтарибди:
— Менга бағоят тўғри танбеҳ бердингиз, я Амирал-мўъминин. Отанинг ўғилга бўлган ҳақлари бениҳоядир. Аммо, фарзанднинг ҳам ота-онада ҳақлари борми? Отанинг ўғил олдида бурчлари йўқми?

Ўғилнинг итоат ҳудудида туриб, донолик билан берган саволи ҳазрат Умарни таъсирлантириб, у зот батафсил жавоб қайтарибдилар:
— Шубҳасизки, отанинг бурчлари мавжуд. Бу бурчларнинг айримларига ҳали бола туғилмасидан аввал риоя этмоққа мажбур. Хусусан, уйланиш вақти келганида номусли аёлни никоҳига олиши керак, токи бола туғилгач, онасининг ўтмишидан уялмасин. Фарзанд туғилгач, унга яхши исм қўйиши жоиз, токи бола ўзининг исмини эшитганида изза чекмасин. Болага яхши тарбия бериши, хусусан, ақли етганича динни ўргатмоғи шарт, токи фарзанд болалик чоғиданоқ тўғри яшамоқликнинг сирларидан хабардор бўлсин, ҳаётнинг тиконли сўқмоқларида қоқилиб азият чекмасин. Сўнг эса, уйланиш ёшига етганида бесабаб пайсалга солмай, ақлли, иффатли, бокира қизга уйлантириши зарур. Бунинг акси бўлса, фарзандига ёмонлик қилган бўлади. Чунки ота-онанинг ёмон феъли болага ҳам ўтади. Шунинг учун номус аҳлидан бирини топиш ота-она бурчидир.

Ҳазрат Умарнинг жавобини эшитган йигит, сўзламоққа изн сўраб дебдики:
— Айни ҳикматларни сўзладингиз, я Амирал-мўъминин. Аммо, ҳақиқат шуки, сиз баён этганларнинг ҳеч бирини отам адо этмаганлар. Бу бурчларини бажармаганлар. Онам бўлмиш аёлни қул бозоридан сотиб олиб, феъл-атворларини, насл-насабларини билмаганлар. Сиз чиройли исм қўймакликни таъкид этдингиз. Отам эса “Жуал”, (яъни саҳронинг қора қўнғизи) деб исм қўйганлар. Тарбия бермакни, динни ўргатмакликни буткул унутганлар. Ёшим анчага борди, бироқ, уйлантириш ҳақида ўйламайдилар.

Йигитнинг сўзларидан таъсирланган ҳазрат Умар шундай дебдилар:
— Эй одам! Сен ўзингни “отаман” деб даъво қиляпсан. Яна “Ўғлим менга исён қилади, гапларимга қулоқ солмайди, менга азоб беради”, деб нолияпсан. Аслида эса, сен ўғлингга исён этгансан. Ўғлингга ёмонликларни раво кўрибсан. Унга сен ўзинг жафо қилибсан. Хатони сен қилгансан. Энди мен сенга нимани раво кўришим мумкин? Энди сенга мен қандай ёрдам берай? Энди ҳарна бўлса ҳам чидайсан — бошга тушганни кўз кўрар. Ўзингга ўзинг ёмонликни раво кўрибсан, бошқалардан айб қидирма...

Ривоятдан маълум бўляпти-ки, биз излаётган жиноят йўлига бурилиш нуқтасини фақат онанинг ҳомиладорлик вақтидан эмас, балки ундан анча илгарироқдан изласак ҳам бўлар экан. Шарафли ҳадисларнинг бирида зикр этилишича, бола пок равишда туғиларкан. Унинг оқибатда мўъмин ёки кофир бўлмоқлиги эса, ота-онанинг тарбиясига боғлиқ экан. Мазкур мазмунни суҳбатимиз мавзуига кўчирсак, боланинг тўғри ёки жиноят йўлини танлаши ота-онанинг ҳатти-ҳаракати билан белгиланаркан. Айбдорларни мактабдан ёки милитсиядан қидирмоғимизда эса, маъно йўқлигини инкор этмасак ҳам бўлар. Зотан, маълум нуқталарда уларнинг хатоси туфайли ҳам асосий бурилиш нуқтаси содир бўлмоғи мумкинки, бу ҳақда ҳам ўрни келганда фикрлашамиз. Мазкур бобга якун ясашдан аввал узоқ тарихга эга бўлган, кўпгина манбаларда турли кўринишда зикр этилган ривоятни эслаймиз:

Уч-тўрт ёшли гўдак қўшнисиникидан тухум олиб чиқиб онасига беради. У бу қилмишининг ўғирлик эканини билмайди. Тухум кўзига чиройли кўрингани учун олган. Ҳаром ва ҳалолнинг фарқига бориши лозим бўлган, аммо, бунга амал қилмайдиган жоҳил она эса, боласини қайтариш ўрнига тухумни унинг қўлидан олиб:
— Менинг ақлли болагинам, онасига меҳрибон ширингинам, — деб алқайди.

Бола эса, қўшнисиникидан тухум (ўғирлаб) олиб чиқишни одат тусига киритади. Чунки онасининг мақтовларидан бу ишни хайрли деб билади. Оқибатда бола улғайгани сайин ўғирлик миқдори ҳам орта боради. Тухумдан товуққа, товуқдан қўйга... Ниҳоят, у ашаддий жиноятчига айланади-ю, қўлга тушиб ўлимга ҳукм қилинади. Она эса ёлғиз ўғлига шафқат қилишларини сўраб ёлборади. Онанинг илтижолари эътиборсиз қолдирилиб, ўғри йигит дор остига келтирилди. Унга: “Сўнгги тилагингни айт, бажарайлик”, — дедилар. Йигит: “Ўлимим олдида онажонимнинг тилларидан бир ўпай”, — деб илтимос қилди. Онани яқин келтирдилар. Йигит онасининг тилини ўпиш ўрнига тишлаб узиб ташлайди. Оломон: “Бу қаттол бунча бемеҳр экан”, — деб уни лаънатлайди. Шунда йигит: “Мени жиноят йўлига буриб, дор остига олиб келган шу тилдир. Аввал у жазо олмоғи керак эди”, — деган экан.

Энди бозорда ўғирлик молни сотиб жазоланган йигитнинг отасини эслайлик: унинг тили фарзандига “Болам, сен ҳали ёшсан, бозорга интилаверма. Бозор шайтоннинг масжиди экан, унда ҳар турли найранглар борки, яхши ёмонни ажратишга ҳали сенинг мурғак ақлинг заифлик қилади. Биров сенга молини арзонроққа сотишга интилса, билки, у мол гумонлидир. Кўпроқ фойда олиш ҳисси кўзларингни кўр қилиб қўймасин...” — дедими экан? Демагандир... Бу каби танбеҳларни ким бериши керак эди? Ота айблаётган милитсиями ёки суд идорасими ёки мактабми? Йигит белгиланган жазо муддатини ўтаб чиққанидан кейин шубҳасиз, бўлиб ўтган воқеа оилада муҳокама қилинади. Ажаб, улар қандай хулосага келишар экан? Ота ёки она “Болам, энди бозорга йўлама, бу сен қиладиган иш эмас экан”, дейишармикин? Бизнингча, улар тўғри хулоса чиқара олмасалар керак. Аксинча, қамоқдан қутқариб қолишга ёки бошқа ишларга сарфланган харажатларни чиқариб олишни ўйлашар. Ана шунда ҳаёт йўлидаги иккинчи бурилиш нуқтаси бошланмаса эди... Кўр ҳассасини бир марта йўқотади, дейишади. Басир кўзлар эса, кетма-кет йўқотаверадилар, афсусли ери шунда...

Болалар хоссатан маълум бир оиланинг фарзанди, омматан эса, мамлакатнинг, бутун

дунёнинг фарзандидир. Улар, ижтимоий-сиёсий ҳаёт нуқтаи назаридан қарасак — эртанинг тарихини яратувчилардир. Оилавий томондан олсак, улар ҳам эртами-индин ота-она бўладилар. Эртами-индин улар ҳам ўз фарзандларини тарбия этадилар. Айни замонда (агар тирик бўлишса) ўз ота-оналарига меҳрибонлик қиладилар. Қуръони карим оятидаги таъбир билан айтилса, хокисорлик қанотларини пастлатмоқлари (фарзанд ота-онанинг ҳузурида ўзини қанчалик хокисор тутса, шунчалик яхши) лозим бўлади. Бизнинг фарзандларимиз — бизнинг қарилигимиздир. Тўғри тарбия — хайрли оқибат, яъни саодатли қарилик. Ёмон тарбия — ғам-аламга, хорликка қоришган қариликдир. Фақат бугина эмас, эл-юрт олдидаги бурчимизни бажара олмаганимиз оқибатида бўйнимизга тушадиган гуноҳдир. Айрим ота-оналар учун эса, тавқи лаънатдир. Оллоҳ шундай бўлишдан асрасин, ҳидоятдан адаштирмасин.

Тарбия борасидаги ота-она бурчи ҳақида гапирилганда қавм- қариндошларнинг масъулиятини ҳам назардан четда қолдирмаслик зарур. Ота-она фарзандидан шикоят қиладиган бўлса, аввало боланинг тоғаси ёки аммасига, холаси ёки амакисига мурожаат этади, маслаҳат сўрайди ёки “насиҳат қилиб қўйишини” сўрайди. Айни замонда бола ота-онасидан аразласа, у ҳам биринчи галда кўнглига яқин олган қариндошлариникига боради. Баъзан “шу ерда қоламан, уйга бормайман”, деб оёқ тираб ҳам олади. Хўш, бу ҳолда қариндошлар қандай йўл тутишлари керак, бу ҳам бизларни ўйлатадиган муаммолардан биридир.

Агар эътибор берилган бўлса, “Ким айбдор?” деган саволга аниқ жавоб қайтаролганимиз йўқ. Сўзларимиз қуруқ бўлиб қолмаслиги учун кичик тадқиқот ўтказдик. “Боланинг ёмон йўлга кириб кетишига ким айбдор?” деган саволни ўртага қўйиб, унга:

1. Ота-она.

2. Мактаб (литсей, коллеж).

3. Милитсия.

4. Маҳалла, қўни-қўшни.

5. Телевидение, видео — деган жавобларни ҳавола қилдик. Умумий ҳисобда, тахминан йигирма фоиз киши — ота-она, ўн беш фоизи — мактаб, ўн фоизи — милитсия, ўн беш фоизи - маҳалла ва қўни-қўшни, сўралганларнинг ўттиз беш фоизи эса, телевидение, видеони айбдор, деб жавоб бердилар.

Жавоблар хулосасини “умумий ҳисобда, тахминан” деб белгилаганимизнинг сабаби бор. Сўров бир эмас, бир неча жойларда, турли касб эгалари орасида ўтказилди. Жавоблар ҳам бир-биридан кескин фарқ қилди. Бир маҳалладаги сўровда иштирок этганлар ота-онани кўпроқ айбдор, деб билсалар, бошқа маҳаллада аксинча бўлиб чиқди. Фақат бир жавоб: “телевидение ва видео айбдор”, деган фикр барча ерда ғолиблигича қолаверди. Болалар қамоқхонасида фарзандларини йўқлаб келганларга шу савол берилганда “ота-она айбдор”, деган жавоб ўн бир фоизни ташкил этди. “Милитсия айбдор”, деган жавоб эса, энг кўп фоизни ташкил қилди.

Мазкур тарздаги тадқиқот кенгроқ миқёсда, қайта-қайта ўтказилган тақдирда ҳам фоизлардаги фарқ ўзгариши мумкин, аммо мутлақ тўхтамга келиш мумкин эмас. Чунки жиноятларга доир ҳолатлар ҳамма ерда ҳар хил. Одамларнинг кузатиш нуқталари ҳам турлича. Таҳлил қобилиятлари ҳам бир хил эмас. Масалан, сўров муаллимлар орасида ўтказилса “ўқитувчи айбдор”, деган жавоб энг кам фоизни ташкил қилиши тайин. Бир мактабдаги сўровимизда бу жавобга фақат биттагина одам овоз берибди. Милитсия ходимлари орасидаги сўровнинг натижаси ҳам шунга яқин.

Болаларнинг жиноят йўлига киришига мактаб айбдор эмас, дегувчиларнинг далиллари бор: агар куну тун йигирма тўрт соатни ташкил этса, шундан 8—9 соати уйқуга кетади. Бола 5—6 соат мобайнида мактабда бўлади. Қолган пайт уйда, ота-онаси бағрида бўлади. Шу 5—6 соат мобайнида болага илм берилсинми ё тарбия қилинсинми? Дуруст, ҳозир “одоб дарси” тайин қилинди. Лекин, болага бир ҳафтада бир-икки соатни ташкил этувчи бу дарсда одоб бериб бўлармикин? Бу дарс саҳро бағрига томган ёмғир томчиси каби бўлмасмикин? Мактабда “сўкиш ёмон иллат”, дейилса-ю, уйда отанинг тили сўкишдан бўшамаса. Бола қайси тарбияга оғади?

Агар ўсмирнинг наша чекаётганига шубҳа туғилса, ёки бу ҳолат исботини топса, ота-онаси чақирилиб бу нохушлик билдирилса қандай жавоб бўлишини тасаввур этиб кўринг. Ота ёки онанинг аксари “Огоҳлантирганингиз учун раҳмат”, демайди, аксинча “Кўриб олганингиз менинг болам, нуқул ёмонлайсиз”, деб жанжал кўтаради. Шундай воқеага гувоҳмиз. Мактабнинг огоҳлантиришига қулоқ осмаган ота-она вақт ўтиб, бола қамоққа тушганида ҳам мактабни айблашдан тоймади. Айрим ҳолларда мактабнинг айби борлиги инкор этилмайди. Аммо, мазкурда мактаб мутлақ айбсиз. Бола наша чекишни мактабда ўрганмаган эди.

Якшанба куни шомга яқин маҳаллага хабар келади: мактабнинг ҳожатхонасида уч ўсмир наша чекишаётган экан. Маҳалла фаоллари билан милитсия нозири боришади. Кайфдаги болалар милитсияга эмас, маҳалла идорасига олиб келинади. Уйларига қўнғироқ қилинади. Бирининг отаси “Боришга вақтим йўқ”, — деб жавоб беради. “Ўғлингиз наша чекар экан, шуни биласизми?” — деб сўралиб, “Биламан, нима қилсаларинг қилаверинглар”, — деган жавоб эшитилади. Уч нашаванд ўсмирнинг ота-оналари ҳам мактабни айблашлари ажабланарли. Мактабнинг ҳожатхонасида чекишса мактаб айбдор бўлиб қолмайди-ку?

“Ким айбдор?” масаласидаги талашув азалдан мавжуд. Йигирманчи асрнинг сўнгги ўн йиллигидаги жавоблар баҳсида “телевидение” деган фикр тобора кенгроқ ўрин ола бошлади. Телевидение ва видео айниқса шарқона тарбия, одоб билан чиқиша олмай қолди. Франтсиялик ёзувчи Мопассан беҳаё воқеаларни тасвир этиши билан олам аро машҳур бўлган. Ҳиндистонлик улуғ адиб Тагор “Ишқилиб менинг халқимга Мопассан етиб келмасин”, — деб умид қилган экан. Тагор миллатига хос одоб покизалигини сақлаш қайғусида шундай деган. Ҳинд киноларида севишганларнинг ўпишишларини кўрсатмаслик шу одоб талаби асосидадир. Не ажабки, айни шу Ҳиндистондаги яширин киностудиялар ишлаб чиқараётган беҳаё филмлар дунёда етакчи ўринларда ҳисобланади. Бугунги ўсмир-ёшларга Отеллонинг рашкли муҳаббати бегона, Отабек ва Кумушнинг тақдирини йиғлаб ўқимайдилар. Уларда сурур(романтика) йўқми ёки қаҳри қаттиқ бўлиб ўсяптиларми? Ғарб кинолари сел каби ёғдираётган “Эркин муҳаббат” “ғоя”си, яъни истаган кишиси билан ит сингари қўшилиб кетавериш одати одамийлик одобидан ғолиб келяптими?

Россия телевидениесида машъум фожеа ҳақида хабар берилиб, бунда ғарб кинолари айбланди. Маълум бўлишича, ўн олти ёшли ўсмир уйига сал кечроқ келганида онаси ва акалари томонидан танбеҳ эшитади. Бу танбеҳ унга ёқмай, ошхонадан болта кўтариб чиқиб онаси билан акаларини совуққонлик билан чопиб ташлайди. Қўрқиб кетган укасига пул бериб, бувисиникига жўнатади. Ўзи эса хотиржам ҳолда кўчага чиқиб, пивохонага боради. Мен унинг жавобларини эшитиб ҳайратга тушдим. У ўзини мутлақ айбдор ҳис қилмади. Ўз эркини ҳимоя қилган эмиш. Назаримда, фақат руҳий касал одамгина ўз онасини чопиб ташлаши мумкин. Бу ўсмирда руҳий хасталик аломати сезилмади. Суҳбатлашаётган мухбирнинг таъкидлашича, йигитча зулм, ўлдиришларни акс эттирган бир филмни саксон олти марта кўрган экан. Мухбирнинг фикрича, айнан шу кино ғояси болани совуққон қилиб қўйган ва оқибатда онасини чопаётганда қўли қалтирамаган. Мухбирнинг хулосасига эътироз билдирмаймиз. Бироқ, бир саволни ўртага ташлаб, фикрлашга даъват қиламиз: телевидение йўқ пайтида, бемаъни кинолар ишланмаган даврларда ҳам жиноятлар бўлиб турарди. Бунга нима деймиз?

Бўйсунмас болалар

  • Ўчдан бошланган жиноят

  • Ёлғон - ёвузлик тимсоли

  • Японлар болани жазоламайди

  • Дўстлик ва хоинлик

Тарбияга оид илмий асарларда “тарбияси оғир болалар”, “оғир болалар” деган атамаларни учратамиз. Булар русча атамаларнинг сўзма-сўз таржимаси бўлгани учун биз тилимизда мавжуд “бўйсунмас” иборасини маъқул топдик. Чунки тарбиянинг оғири ёки енгили бўлмайди, балки тарбия мезонларига бўйсунмайдиган болалар бўлади. Бундайларни халқда турли ном билан атайдилар: “шум”, “шумтака”, “бебош”, “безори”, “хулиган”... (“Хулиган” — англиялик бир безорининг насаби (фамилияси), ҳеч кимга сўз бермай, жанжал қилишда ном чиқарган бу йигитнинг насаби дунё бўйича атамага айланиб қолган. Авваллари безори болаларни “самарска”, деб ҳам аташарди. Ўттизинчи йилларда Самара шаҳридан ёпирилиб келган оч-юпун болалар ўғирлик, талончилик билан шуғулланишган. Халқ шуларга ўхшаган болаларни “самарска” деб атаган.) Бундай болаларни шўхлик билан жиноятчилик орасидаги тоифа десак ҳам бўлар. Шўхлик меъёридан ошса, шумлик бошланади, бу ҳам вақтида тўхтатилмаса жиноят эшикларини очади. Шу сабабли ҳам халқда “Шўх бўлса майлию шум бўлмасин”, деган гап бор.

Мазкур бобнинг сарлавҳасини “Қандай болалар жиноят йўлига кирадилар?” деб номласак ҳам бўларди. Бу саволга ҳар ким ҳар хил жавоб қайтаради. Бўйсунмаслар фақат ўсмир ёшида эмас, балки барча ёшдаги одамларда учрайди. Бўйсунмаслар кимлар? Фақат жиноятчилар ёки жиноят кўчаси томон бурилаётганларми? Буларнинг барчалари албатта қамоқхона шўрвасини тотиб кўрадиларми? Йўқ. Бўйсунмаслик, аввало, нотўғри тарбиянинг ёки болага нисбатан нотўғри муносабатнинг натижаси.

Бир неча марта қамалган одам билан суҳбатлашганимизда у ўзидаги бўйсунмасликнинг бошланишини, юқоридаги таъбир билан айтсак, бурилиш нуқтасини айнан ўзига бўлган адолатсиз муносабатда кўрди. Суҳбатдошимизнинг айтишича, еттинчи синфда ўқиётганида муаллим уни ўғирликда айблайди. Гумон исбот этилмаса-да, кўпнинг ҳузурида уни изза қилади. Муаллим ўз хаёлида ўқувчини шу тарзда тарбия қилган. Бу ерда ҳам нотўғри тарбия, ҳам адолатсиз муносабат бир нуқтада учрашиб, боланинг руҳиятини парчалаб ташлаган. Унинг қалбида бўйсунмаслик, ўзига хос исён туғилган. “Сен мени ўғри дедингми, ўғирлаш мана бунақа бўлади”, деб ўч олмоқчи бўлган. Ислом динига хос тарбия усулларига кўра, киши бир нотўғри иш қилса, унинг хатосини биродари, албатта, айтиши шарт. Лекин... кўпнинг орасида изза қилиш ёки шармандасини чиқариш йўли билан эмас, якка ўзига холи жойда босиқлик билан тушунтириши керак. Совет тарбия усули буни рад этди. Кўпнинг таъсири — “коллектив” тарбияни маъқул кўрди. Ҳолбуки, кўпчилик ҳамиша ҳам тўғри хулоса чиқаравермайди. Кўпчилик ўзининг фикрига эмас, балки жамоанинг етакчи шахси гапига қарайди.

Мактабда энг кўп қўлланиладиган баҳона — “дафтарим уйда қолибди”. Бир синфда шундай ҳол юз берганида муаллим “болалар, ўртоғингиз дарс тайёрламагани учун баҳона қилиб алдамаяптими, уйига бориб дафтарини олиб келсинми?” — деб сўрайди. Болалар бу таклифга юз фоиз қўшилишади. Муаллим ўша ўқувчини синфдан чиқариб, “кетмай, шу ерда тур”, деб даҳлизда қолдириб қайтади-да: “Болалар, кўчада қор ёғяпти. Совуқда ўртоғингиз қийналади. Балки сирпаниб йиқилиб тушар, балки оёғини синдириб олар, балки машина уриб кетар. Уни шу пайтда уйига юбориб тўғри қилдикми, балки бизни алдамагандир, юбормасак бўларди, а?” дейди. Болалар яна бир овоздан “тўғри, юбормаслик керак эди, чақириб келайлик”, дейишади. Муаллим бу ўринда тарбиянинг яхши, ишончли усулини қўллаган. Бу ўринда болаларнинг бир-бирларига меҳр-муҳаббатлари, бир-бирларининг тақдирларига бефарқ қарамасликлари йўлидаги тарбияни ҳам кўрамиз.

Биз “бўйсунмас” деб таърифлаётган болаларнинг турли тоифалари мавжуд. Шулардан бири — қўполлиги, шумлиги, интизомсизлиги билан ажралиб туради. Мактабда ҳам, маҳалла-кўйда ҳам бундай болалардан безишади. Бу болалар охир-оқибат жиноятчига айланишади, деб ўйлашади. Бизнингча, бу хато фикр. Шумтакаларнинг барчаси ҳам жиноят оламига қараб юрмайди. Катталар уларни тушунишга ҳаракат қилишлари керак. Интизомсизликлари сабабини аниқлаш зарур. Шундай сабаблардан бири - уларнинг ўйинқароқлигида бўлиши мумкин. Бундай болаларда ички ғайрат, ички ҳаяжон ва шунга яраша маълум бир нарсага ёки ҳолатга нисбатан кучли қаршилик ҳам мавжуд бўлади. Бундай болалар ҳақида сўз кетса “у ўт-оловнинг ўзи”, деб таъриф ҳам берилади. Демак, катталар ўша “ўт-олов”нинг алангасидан тўғри фойдаланишни билишлари керак бўлади. Бундай болаларга майда иш, айтайлик, гуручнинг курмагини тозалашни буюрсангиз, аввало, бўйин товлайди, зўрласангиз вазифани чала бажаради. Майда ишларни қилишда юраги сиқилиб кетади. Ўқишга муносабатлари ҳам шундай. Ўзларига ёқмаган фанлардан қочишга ҳаракат қилишади. Бундай болаларга куч талаб қиладиган, қизиқарлироқ иш топширилса, бажонидил бажаришади.

Бир мактабнинг спорт майдончаси ғоят чанг бўлиб, болалар тўп ўйнашганда девор ортидаги хонадон азият чекаркан. Болаларнинг шовқинидан ҳамда майдонда кўтарилган чангдан безган хонадон соҳиби ҳар куни болалар билан уришади, ҳайдайди. Болалар ўйинни бир зум бас қилишади. Кейин давом эттираверишади. Можаро тўхтовсиз давом этади. Ман этилган ишни бажариш ёки ўйинни янада баравж ўйнаш болаларга хос одат. Шу боис ман этишдан аввал ўринга ўрин бошқа бирон юмушни таклиф этиб кўриш керак. Ўша хонадон эгаси болаларни ҳақоратлаб, ҳадеб ҳайдайвермасдан бошқача йўл тутиши мумкинмиди? Айтайлик, болалар ўйинни бошлашганда челак кўтариб чиқиб “Болаларим, мен сизларга сув сепиб берай, чанг ютманглар, сизларга ачиняпман”, деб иш бошласа, шубҳа йўқки, болалар: “Амаки, ўзимиз сепамиз”, деб челакни қўлидан олишади. Биринчи сафар чала-чулпа бўлса ҳам ўзлари сув сепадилар. Лекин бу билан масала ҳал бўлмайди. Сув сепишни болалар дарровгина одат қила қолмайдилар. Бунинг учун у киши бу одобга даъватни чидам билан, бир неча марта такрорлаши зарур бўлади. Агар қўшнилар билан келишиб, пул йиғиб резина ичак сотиб олиб беришса яна яхши. Бу ҳолатда болаларни ҳайдаш эмас, уларни спортнинг бу тури билан мунтазам шуғулланишга даъват этиш мақсадга мувофиқдир. Спорт майдончасини чангитиб тўп сурган бола яхшими ё ҳожатхонада биқиниб наша чекаётганми?

Яна бир тоифа болалар борки, булар аввалгиларининг аксидир. Аввалгиларида ички ғайрат бўлса, буларига ялқовлик, дангасалик, беғамлик, лоқайдлик ҳукмронлик қилади. Аввалгилари бир ишни рад этиб, иккинчисини жону дили билан бажарса, булари учун ҳар қандай иш жоннинг азоби ҳисобланади. Майдонни чангитиб тўп суришга ҳам эринишади. Латифанамо бир ривоят бор: икки ялқов ётган уйга ўт кетибди. Улар ўринларидан туриб қочишга ҳам, ёрдам сўрашга ҳам эриниб ётаверишибди. Олов бирининг оёғини куйдира бошлаганда эринибгина “Эй, Худо!” деб қўйибди. Шунда иккинчиси шеригига: “Мен учун ҳам Худо деб қўйгин”,- деган экан. Катталар орасида ҳам бундайлар топилади. Дангасаликда суяги қотган катталарни тарбия этиш мумкинмасдир.

Аммо болалик ва ўсмирликда уриниб кўриш керак. Бу ҳолатда катталардан чидам ва қунт билан биргаликда зийраклик ҳам талаб қилинади. Ҳар қандай ялқов болада йилт этган ғайрат чўғи, оз бўлса-да, нимагадир нисбатан қизиқиши мавжуд экан, ана шу чўғни, қизиқишни вақтида илғаб ола билиш зарур. Ана шу чўғни аланга олдириш тарбиячининг бурчи ҳисобланади. (“Тарбиячи” деганда биз ота-оналарни, муаллимларни, хуллас, болалар тарбиясига масъулларни назарда тутамиз). Ана энди икки тоифа бола сизга рўпара қилиниб: “буларнинг қай бири жиноятга мойил”, — дейилса шумтакаларни кўрсатарсиз. Ҳолбуки, дангасаларнинг жиноятчига айланишлари эҳтимоли ҳам кам эмас. Ялқовларни жиноятга нима даъват этади? Улар ҳам бошқалар каби яхши яшашни, яхши маишатлар денгизида сузиб юришни орзу қилишади. Уларнинг маълум бир қисми тақдирга тан бериб, “берсанг — ейман, урсанг — ўламан”, қабилида яшайвериши мумкин. Озроқ қисми эса ўз олдига: “Нима учун у яхши яшайдию мен муҳтож кун кўришим керак?” — деган саволни қўйиб, уни ўзича ҳал қилмоқчи бўлади. Ялқов “У ғайратли бўлгани учун яхши яшаяпти, сенам жон куйдиргин”, — деган ҳақиқатни четлаб ўтиб, енгилроқ йўлни излайди. Бу йўл, шубҳасиз уни жиноят оламига етаклайди. Шумтака жиноят оламига адашиб кириши мумкин ва интилса, ундан чиқиб кета олади. Ялқов эса онгли равишда киради, ундан чиқиб кетишга интилмайди. Бу оламда ўзи орзу қилгандек яйраб-яшнамайди. Хорлик ва хўрликнинг турли кўринишларини татиб кўради.

Бўйсунмас болаларнинг яна бир тоифасига ёлғончилик хос бўлади. Исломий жиҳатдан ёлғончилик оғир гуноҳлардан ҳисобланади. Кўп жиноятларнинг туғилиши айнан шу ёлғондан бошланади, десак фикримизга қўшиларсиз. Франтсузларнинг буюк адиби Виктор Гюго “Ёлғончилик - ёвузлик тимсоли”, деган экан. Яна бир ёзувчиси Жюл Ренар эса “Ёлғончилик - ўғирликдан баттар”, деб таъриф берган. Болаликдан юқтирилган бу хасталикни кейин даволаш қийин. Буни гиёҳвандликка қиёслаш ҳам мумкин. Агар бу одам ёлғондан сал нари кетса атрофидагиларнинг барчаси унга зерикарли туюла бошлайди. Рус адиби Антон Чехов “Ёлғончи ўлаётганида ҳам ёлғон гапириб ўлади”, деганида мутлақо ҳақ эди. Шу ўринда катталар боладаги қуруқ ёлғон билан хаёлотга мойилликни (фантазияни) ажратиб ола билишлари керак. Киши янглишган пайтда буни сезиш қийин эмас, аммо алдаётганида ҳамма ҳам фарқлайвермайди. Агар ёлғон ҳақиқат каби бир хил бўлганда алдовнинг тескарисини тушуниш билан масала ҳал бўларди. Ҳақиқат — битта. Унинг акси бўлмиш ёлғоннинг қиёфаси беҳисоб, унинг ҳад-чегараси ҳам йўқ. Шу боис бола ёлғон ишлата бошлаганида ниҳоятда эҳтиёткорлик билан муносабат билдириш керак.

Айрим болаларда хаёлот қуввати анча кучли бўлиб, орзу қанотида учишни хушлайдилар. Баъзан орзулари ҳақиқат каби кўриниши ҳам мумкин. Катталар бу пайтда уларнинг орзуларини парчалаб, хаёлларини бўғиб қўймасликлари лозим. Ўт-олов болаларнинг ғайратини тўғри йўналтириш қанчалик зарур бўлса, бу орзуларни ҳам жонлантиришга ёрдам бериш шунчалик муҳимдир. Олти ёшли бола ариқ бўйида ўйнаб туриб, калишини сувга тушириб юборади-да, онасига келиб: “Ойи-чи, ойи, биз ка-атта балиқ тутдик”,- дейди. Она: “Тутган балиғинг қани?” — деб сўраганида бола: “Ўша балиқ калишимни кийиб қочиб кетди”, — деб жавоб беради. Шунда она: “Ёмон балиқ экан-да, энди ариқ бўйида ўйнама, калишингни эҳтиёт қил”, — қабилида ширин гап билан болани овутиши ёки “Калишингни йўқотдингми, ҳали мени алдамоқчимисан?”- деб калтаклаб қолиши ҳам мумкин. Боланинг ёлғон гапиришини оилада кўп учратамиз. Агар гўдак ёмон иш қилиб қўйса бунга яраша жазо олишини билади ва бу жазодан қочиш чорасини излайди. Зўрлик мавжуд жой ёлғончиликнинг туғилиши учун энг қулай муҳит ҳисобланади. Унинг учун энг яхши чора — алдов. Агар алдови иш бериб жазодан қутулиб қолса бу чорага тобора банди бўлиб бораверади. Бола елкасида қанчалик оғир юк борлигини фаҳмламайди, билмайди. Дастлабки ёлғонини давом эттириш, уни қувватлаш, ҳақиқатга айлантириш учун яна ўнлаб ёлғонларни тўқийди.

Ўн эмас, минг ёлғон тўқиганида ҳам ҳақиқатга айланмаслигини у ҳали англаб етмайди. Катталар эса алдовга турли муносабатда бўлишади. Айримлар “Мураббони мушук еб қўйди”, деган алдовга кулимсираб қўя қоладилар. Баъзилар “пиёлани опам синдирди”, каби алдовдан ғазабланиб кетадилар. Бу ўринда фарзандига “Нима ёмон иш қилсанг ҳам ўзинг тан олгин, тўғрисини гапирсанг жазоламайман”, деб тарбия берувчиларнинг услубини маъқуллаш мумкин. Болада ёлғончиликнинг туғилишига асосан катталардан кутилажак жазо ваҳимаси сабаб бўлади. (Японияда узоқ йил ишлаб келган одамдан “Японлар болаларини қайси усулда жазолашади?” — деб сўралганида “Японларда болани жазолаш, деган гап йўқ”,- деб жавоб қайтарган эди. Худди шунга ўхшаш яҳудийларнинг тарбиясида ҳам болалар қаттиқ жазоланмайди, балки ҳар томондан авайлаб-асралади. Уларда фарзанд илоҳий мўъжиза сифатида улуғланади. Биз бирон танишимиз ёки меҳмонга боламизни таништирсак, “Ўғлингиз азамат йигит бўлиб қолибди-ку”, — деган лутфига жавобан: “азамат-ку, лекин сал ялқовроқда (ёки сал аҳмоқроқда)”,- деймиз. Яҳудийларда бунақасини учратмайсиз. Улар болаларини фақат мақтайдилар. Зеҳни паст бўлса ҳам “менинг болам шундай ақлли-ки...” деб алқайдилар. Биз эса ҳалиги “сал аҳмоқроқ-да” деган гапимизни боламизнинг ўзига эшиттириб айтамиз ва бу билан ундаги яхшилик уруғларини қуритишга хизмат қилиб қўйганимизни (ўзимиз ақллимизда!) фаҳмламаймиз.

Бир аёл овқатга уннаётиб гўдагини катта қизига беради-да: “Укангга яхши қара, йиқитсанг — ўлдираман”, — деб пўписа қилади. Бундай пўписаларни кўп эшитамиз, қуруқ гап эканини ҳам биламиз. Иттифоқо, қизча укасини йиқитиб юборади, табиийки, гўдак йиғлайди. Боланинг йиғисини эшитган аёл пиёз тўғраётган пичоғини қўйишни ҳам унутиб, шошқич равишда чиқади. Онасининг қўлида пичоқ кўрган қизча “йиқитсанг — ўлдираман”, деган пўписани эслайдию қўрққанидан тилдан қолади. Гарчи она қизини ўлдиришни хаёл қилмаган бўлса-да, уни турли сабаблар билан тез-тез жазолаб турган ва сўнгги пўписа ҳам болага амалга ошувчи ҳукм бўлиб туюлган. Бунга ўхшаган воқеа ўзгача оқибат билан тугаши ҳам мумкин. Жамиятда оз бўлса-да, боланинг уйдан қочиб кетиш ҳолати учраб туради. Қочиб кетишнинг сабабларидан бири ота-онанинг нобоплиги — ароқхўрлиги ёки тинмай жанжаллашишлари бўлса, иккинчиси айнан ўша қўрқувдир. Яна бир сабаб борки, бу ҳақда кейинроқ фикрлашамиз.

Болалар ўзларига нисбатан эътиборсизлик мавжудлигини сезсалар ҳам баъзан ёлғон тўқий бошлайдилар. Бунақа ҳол кўп болали оилаларда учрайди. Тўғри, ота-она учун барча фарзанд бир - суюмли. Беш бармоқнинг қай бирини тишламанг, оғрийди. Аммо, ота-она ўзлари билмаган тарзда фарзандларидан бирига кўпроқ, иккинчисига камроқ эътибор беришлари мумкин. Агар болалардан бири нимжонроқ ёки касалвандроқ бўлса, унга кўпроқ парвона бўлинади. Бу парвоналик бошқа фарзандга ўзгача туюлади. Болалик онги “Аканг (ёки уканг) касал, онанг (ёки отанг) шу сабабдан унга кўпроқ қарашади”, демайди. Аксинча, “Мендан кўра уни кўпроқ яхши кўришади”, деган ўксикли хулосага келади. Мактабда айрим муаллимлар суюкли ва ёқимсиз ўқувчиларига муносабатларини ошкор қилиб қўядилар. Агар уйда ўксиган бола синфда ҳам шундай эътиборда бўлса унда атрофидагиларга нисбатан норозилик, ҳатто нафрат уйғонади. Ўзини эътиборлилар қаторида кўриш учун ёлғондан фойдаланади. Уйда мактаб ҳақида, мактабда уй ҳақида ёлғон гапларни айта бошлайди.

Дўстлик ҳақидаги нотўғри тушунча ҳам болани ёлғон айтишга мажбур қилади. Агар ўртоғи бирон ножўя иш қилган бўлса, бола унинг айбини яшириш учун ёлғон сўзлайди. Болага айбни яшириш эмас, хатони тузатишга ёрдам бериш — чин дўстликдир, деган тушунчани сингдириш осон эмас. Орада “хоинлик” деган тушунча ҳам бор. Агар бола дўстининг айбини ошкор қилса, унга “хоин” деган тавқи лаънат ёпиштирилади. Демак, ёлғоннинг биринчи сабаби дўстининг тақдиридан чинакамига қайғуриш бўлса, иккинчиси “хоин” деган ном олишдан қўрқишдир. Кўриниб турибди-ки, ёлғоннинг илдизларидан бири қўрқувнинг яна бир турига тақаляпти. Илдизлардан яна бири иккиюзламачилик, лаганбардорликка ҳам бориб уланади. Юқорида зикр этганимиз — атрофидагиларнинг диққатини ўзига жалб этиш истаги болани шу йўлга ундайди. Бошқаларни ёмонлаш учун ёлғон тўқилади.

Ёлғон хусусида сўз юритганда ҳазрат Алишер Навоийнинг танбеҳларини тилга олмасак бўлмас. Ҳазрат дебдилар-ки: “Ҳар кимнингки сўзи ёлғон, ёлғонлиги билингач - уятга қолгон. Ёлғонни чиндек гапирувчи сўз устамони - кумушга олтин қоплаб сотувчи заргар. Ёлғон - афсоналар билан уйқу келтирувчи, ёлғончи - алаҳловчи. Ёлғон гапирувчи ғафлатдадир. Сўзнинг бир-биридан фарқи кўпдир. Аммо ёлғондан ёмонроқ тури йўқдир. Ёлғон гапириш билан ўз вақтини ўтказувчи одам, бу қилиғи ёмон туюлиш ўрнига, кишиларни алдагани билан фахрланади ҳам. Ёлғончи ўз гапига гўллик билан қулоқ солувчини топса, уларга ёлғонни чинга ўтказса, муродига етган бўлади. Ёлғончи - Ҳақ қошида гуноҳкор, халқ олдида шарманда. Бундай наҳснинг беор юзи ёмонликка ўгирилган бўлади. Бундай наҳсга ботган одам қутлуғ уйдан нари бўлғай.

Байт:

Ул кишини қутлуғ эвдин ташқари сурмак керак,

Қутлуғ эв дунёдурур, яъники, ўлтурмак керак.”

Яъниким, ёлғон сўзлагувчини қутлуғ уйдан суриб чиқармоқ керак. Ҳазрат Навоий “қутлуғ уй” деб дунёни назарда тутяптилар, суриб чиқармоқдан мурод эса — ўлдирмоқдир. Демак, ёлғончининг жазоси ўлимдир. Бу ўринда Навоий ҳазратлари ўлим жазосини тайин этганларида жисмоний маҳв этилмоқни назарда тутмаган бўлсалар керак. Бунда кишидаги ёлғонни ўлдирмоқлик, уни ёлғонлардан холис этмоқликка ундалгандир. Яна бир танбеҳда ҳазрат Алишер Навоий дейдиларким: “Кимки ёлғон сўзни бировга тўнкагай, ўз қора юзини ёғга булғагай. Озгина ёлғон ҳам улуғ гуноҳдир. Озгина заҳар ҳам ҳалок қилғувчидир.

Байт:

Заҳрнинг оз эса миқдори дағи муҳликдур,

Игнанинг нўги заиф эрса дағи кўр қилур”

Таъкид этилмоқдаким, заҳарнинг озгинаси ҳам кишини ўлдиради. Игнанинг учи кучсиздай бўлса ҳам кишини кўр қилади. Навоий ҳазратларининг зикр этилмиш фикрлари катталарга хос. Биз ўрганаётган ёшларнинг тоифаси вақтида тарбия топмас экан, жиноят кўчасига кириб кетмаган тақдирда ҳам наҳсга ботгани ҳолда халқ олдида шарманда бўларкан. Ўзининг шарманда бўлгани майли, лекин унинг зурриёдидан нимани кутиш мумкин? У боласини қай йўсинда тарбия этар экан? “Болам, мен кичиклигимда ёлғончилик касалига мубтало бўлиб, маънан қашшоқлашдим, эл аро обрўсизландим, сен бу хасталикдан қоч”, демоқликка фаросати етармикин? Навоий ҳазратларининг таъбирларига қайтсак, болани ёлғондан қайтармаслик — унга аста-секин таъсир этувчи заҳар бериш билан баробар экан. Агар бола бирон овқатдан заҳарланса дарров чора кўриш бошланади. Руҳий оламининг заҳарланаётганини билиб туриб нега чора-тадбир кўрилмайди?

Бир бола асабийроқ — арзимаган нарсага жазавага тушади, иккинчиси димоғдор, учинчиси чиранчоқ, тўртинчиси аразчи, яна ҳасадгўй, жиззаки, такаббур, шуҳратпараст... Булар қисман туғма бўлиши эҳтимол, лекин мазкур иллатларнинг туғилишига катталарнинг болага нисбатан эътибори сабабчидир. Бу иллатга учраган болалар билан жамоа орасида ўзига хос келишмовчилик, баъзан тўқнашув вужудга келади. Ана шу тўқнашувда эзилаётган боланинг жиноят кўчасига бурилиб кетиши осонроқ кечади. Биз яхшилик олами деб атаётган жамоада бола доимий камситилиши эвазига ҳеч нима олмайди. У жиноят оламида баттарроқ камситилиши мумкин, лекин, бунинг эвазига у моддий рағбат олади. Бола учун шу рағбат ҳам муҳимроқдир. Ундан ташқари жиноят олами бағрига олган болани яхшилик оламидаги эътиборсизлик, камситишлардан асрайди. Кечагина

синфда биров менсимайдиган бола жиноятчи тўдага аралашиб қолса, унга нисбатан бўлган эътибор ўзгаради. Унга зўрлик қилиб юрганлар ҳам энди ўзларини тиядилар. Камситилган болага айнан шу эътиборнинг ўзгариши муҳим бўлиб туюлади. Бу онларда у оқибатни ўйламайди.

Бўйсунмас болалар орасида ёмон ўқийдиганлар алоҳида ажралиб туради. Ёмон ўқийдиганлардан мактаб аҳли безор бўлади, улардан тезроқ қутилиш чорасини излашади. Агар мажбурий таълим қонуни бўлмаганда эди, мактабнинг ўзи кўп болаларни бешинчи-олтинчи синфданоқ ҳайдаб юборган бўларди. Советлар даврида мактаб бундай болаларга то саккизинчи синфни битиргунича чидарди. Сўнг ҳунар билим юртларига жўнатишга уринишди. Ўша даврдаги тадқиқотлар хулосасига кўра, мактаб ўқувчиларига нисбатан ҳунар билим юрти талабалари орасида жиноятга мойиллик кўпроқ эди. Чунки саккиз йил бадалида мактабнинг қаттиқ назоратида турган бола ҳунар билим юртига боргач, бўшалган қушдек ўзини эркин ҳис қилади. То билим юрти муаллимлари унинг феълини англаб етгунларича у истаган қилиқларини қилаверади. Ўсмир уйдан ҳам, маҳалла назоратидан ҳам узоқлашгач, жиноят кўчасига яқинлашиб қоларди. Айрим ўсмирлар бу янги ҳаётга кўникмай ўқишни ташлашарди. Боланинг ёмон томонга ўзгараётганини сезган айрим ота-оналарнинг ўзлари фарзандларини билим юртидан чиқариб олишиб, яна мактабга қайтарардилар. “Нима бўлса ҳам ўқиш битгунича шу мактабда юра турсин”, — деб ялинардилар. Улар учун бу нуқтада боланинг ўқиши, илм олиши муҳим эмас, муҳими — бола ярим кун бўлса-да, назорат остида юради.

Ёмон ўқийдиган болаларга нисбатан кўпинча нотўғри муносабатда бўлинади. Диққат қилиниши лозимки, зеҳн бобида барча бола тенг эмас. Бирови муаллимнинг гапини дарров англайди, дарсдаги мавзуни синфнинг ўзидаёқ ўзлаштиради. Айрим болаларга Пифагор теоремасини йигирма йил ўргатинг — фойдаси йўқ, ўзлаштира олмайди. Демак, ўқишни истаса ҳам зеҳни пастлиги туфайли ўзлаштира олмайдиганлар бор, зеҳнли бўла туриб дангасалик қиладиганлар мавжуд. Мактаб ҳам, ота-она ҳам буни ажратиб олишлари шарт. “Фалончи аъло ўқийди, нега сен ёмон ўқийсан”,- деб болани сиқавермаслик керак. Баъзан “фалончи қамалибди”, деган хабарга жавобан “ўзи мактабда ёмон ўқирди”, деган гапларни эшитамиз. Бу хулосаларда асос кам. Бир неча мактабдаги ҳолат ўрганилганда маълум бўлди-ки, ёмон ўқийдиган болаларнинг тўрт-беш фоизигина оқибатда жиноят йўлига кирар экан. Қамоқдаги болаларнинг етмиш беш-саксон фоизида эса, яхши ўқишга қобилият мавжудлиги, истак борлиги аниқланди.

Биз бўйсунмасликка асос бўлувчи айрим иллатларни жиноят кўчасига бошловчи омил, деб таърифлаяпмиз. Аслида эса, бу иллатларнинг барчаси жиноятнинг мурғак кўринишидир.

Эътиборингизга ҳавола этилган муаммолардан келиб чиққан ҳолда фикрларни жамлашга ҳаракат қилайлик. Бўйсунмас болаларни гуруҳларга бўлиб ўрганайлик:

Биринчи гуруҳга жамият билан очиқчасига келиша олмайдиганлар киради. Улар жамиятда одат тусига кириб қолган барча нарсалардан норози бўладилар, бу норозиликларини амалда намоён этишга уринадилар. Хушаҳлоқлик талабларини рад этиб, бадаҳлоқликни касб қилиш уларни бошқалардан ажратиб туради. Бу болаларда дўстлик, қаҳрамонлик ҳақидаги тушунча бузилган, беҳаёлик, уятсизлик эса, очиқ кўринишда бўлади. Бу бўйсунмаслар бошқалардан фарқли ўлароқ, қўпол муомалали, сурбет, урушқоқ, босқинчиликка мойил, дарғазабдирлар. Худбинлик, ўзгалар тақдирига бефарқлик, танбаллик, манфаатпарастлик, юлғичлик, боқимандалик... иллатлари оқибатда буларни жиноят оламининг бандаларига айлантириб қўяди. Тарбия бобида барчани азобга солувчилар ҳам айнан шу тоифадаги болалардир. Биз бу каби болаларга бир оз насиҳат қиламиз-у, сўнг “бу безбетга гап таъсир қилмайди”, деб нари кетамиз. Назаримизда бундай болаларнинг борар жойи тайин — қамоқ. Биз, катталар айни шу нуқтада хатога йўл қўямиз.

Боласининг бебошлигидан куйган айрим ота-оналар ҳатто “Майли қамашсин, ўша ёқдан одам бўлиб чиқади”, — дейдилар. Бу ғоят янглиш фикрдир. Тўғри, қамоқда боланинг кўзи очилиши мумкин. Аммо, акси бўлиб чиқса-чи? Биз биринчи оғир гуруҳга мансуб деб билган болалар иллатларга бутунлай кўмилиб кетмаган. Уларда ҳам яхши фазилатлар бор. Айнан шу фазилатлар уларни тарбиялашда “олтин калит” вазифасини ўтаб беради. Уларда (аввал зикр этганимиздек) серғайратлик, ўз муддаосига етишдаги матонат, ҳар соҳада ўзини биринчи қилиб кўрсатишга интилиш... фазилатидан тарбиячи усталик билан фойдаланиши керак. Бу худди атом қувватини қаёққа қараб йўналтиришга ўхшайди. Атомдан бомба ясаб, портлатиб ҳамма ёқни вайрон қилиш ёки электр қуввати олиб атрофни чароғон қилиш мумкин. Боланинг тақдири ҳам шундай.

Иккинчи гуруҳга мансуб болалар аввало хоҳиш-истакларининг беқарорлиги билан ажралиб туришади. Уларда бир нарсага қатъий интилиш йўқ. Бундай болалар биринчи гуруҳга мансуб тенгдошларига эргашмоқликни маъқул кўришади. Аммо, улар каби жамиятдаги аҳлоқий талабларга очиқ қарши чиқа олишмайди. Улар ўзларига нисбатан ожизроқ болаларга ҳукм ўтказиш йўли билан маълум мавқени эгаллашни маъқул кўришади.

Бир маҳаллада беш-олти бола ўйнаётган эди. Шу кўчада турувчи бола уйдан чиқди-ю, ўйинга қўшилмади. Уни бошқалар чорлашмади. Бир оздан сўнг болалар ўйинни бас қилиб тарқалишди. Қўшилмаган боланинг ўзи ёлғиз қолди. У аввалига бир ўзи ўйнай бошлади. Кейин бошқа болалар кўринишиб, ўйинга қўшилдилар. Бунга ўхшаш ҳолни кўп учратамиз, аммо, аҳамият бермаймиз. Бола аввалги ўйинга нима учун қўшилмади? Ўйиндаги болалар ундан зўрроқмиди? У оддий ўйинчи эмас, етакчи бўлиш истагида эдими? Кейинги ўйинда у ниятига етди — даврабоши бўлди. Аҳамият беринг: у мақсадга эришишга шошилмади, сабр қилди, кутди. Дастлабки даврада ўйнаётган болалар уни нима учун ўйинга қўшишмади? Ундаги даврабошилик даъвосини билишармиди ё бошқа иллатлари туфайли ёқтиришмасмиди? Агар бола биринчи гуруҳга мансуб бўлганида четда туриб фурсат пойламас эди. Дангал ўйинга қўшиларди ёки ўйинга қўшишларини талаб қиларди. Керак бўлса, давранинг зўри билан муштлашарди. Биз назар ташлаётган иккинчи гуруҳ эса, бошқача эканига ўзингиз гувоҳ бўлдингиз.

Бундай болалардаги беқарорлик катталарнинг эътиборидан четда турмаслиги керак. Уларни фойдали ишларга жалб қилишда бу айниқса муҳим. Улар битта ишни муқим давом эттиролмайдилар. Катталар томонидан мажбурлаш уларда ўзига хос исённи уйғотади. Бир ишни узоқ давом эттиришлари учун улардаги етакчиликка бўлган яширин ҳавасдан фойдаланиш керак. Бунинг учун уларни ишбошиликка тайин этиш ҳам маъқул.

Учинчи гуруҳга мансуб болаларнинг истак - хоҳишлари, дунёга қарашлари, муносабатлари, қизиқишларида бир хиллик мавжуд эмас. Қўполроқ айтилганда, нима исташларини ўзлари ҳам тайин билмайдилар. Шу сабабли мавжудлик билан ҳавасдаги тез-тез ўзгаришлик орасида тўқнашув ҳосил бўлади. Бола онгидаги ўша ички тўқнашув таъсирида юради. Бу гуруҳдаги болалар аввалгилардан фарқли равишда қилаётган ишларининг жамият учун номақбул эканини англаб турадилар. Аммо, бу англаш фазилати уларда ҳали ақида даражасига етмаган. Яъни, “бу иш жамиятга зидми, демак, қилмаслик шарт”, деган тушунча уларнинг онгига эгалик қилиш қудратига эга эмас. Шу ишдан лаззат олиш ҳисси, ундаги худбинлик иллати устун келиб, ахлоқ талабларини четлашга ундайверади.

Бу тоифа болаларни жамоа билан бир иш бажаришга жалб этиш, уларнинг тасаввуридаги қизиқарли юмушларни амалга оширишга ҳаракат қилиш яхши натижа бериши табиий.

Тўртинчи гуруҳдаги болаларда беқарорлик нисбатан заифроқ бўлади. Уларнинг қизиқишлари ҳадеб турланавермайди. Бундай болаларда иродасизлик, тез таъсирчанлик, ҳатто енгилтаклик устунроқ туради. Улар ўзларининг кучларига ишонмайдилар. Иродаси бақувват ўртоқлари олдида ўзларини ғоят ожиз ҳис қиладилар. Бундай болаларни бирон ҳунарга ёки ишга жалб қилганда яхши гап билан рағбатлантириб туриш жуда муҳим. Бажарган вазифаси таҳсинга лойиқ бўлмаса-да, унга офарин айтиб қўйиш керак бўлади. Бунинг аксича: “Э, галварс шуни ҳам эплай олмадингми!” — деб камситиш ундаги барча қизиқиш ва интилишларни ўлдиради. Олдинги гуруҳдагиларга шундай дейилса, улар: “Мен қанақа галварслигимни сенга кўрсатиб қўяман”, — деб ишга қайтадан киришиши мумкин. Бу тоифадагилар эса, бутунлай совийди.

Бешинчи гуруҳдагиларни бўйсунмаслик кўчасига адашиб кириб қолганлар, десак бўлар. Уларда эрксизликка мойиллик, ҳар қандай оқимга қўшилиб кетавериш одати кузатилади. Уларнинг қизиқишини инобатга олиш муҳим. Ўзгарувчан эмас, доимий иш билан банд этиш уларнинг тарбиясидаги зарур омил ҳисобланади.

Болалар ва ўсмирларнинг табиатига, феълига хос кўринишларни ўргана туриб, ўзимизча уларни гуруҳларга бўлиб, мана бу гуруҳнинг йўли албатта жиноятга олиб боради, буниси гумон... деган аниқ тўхтамга келмоқчи эмасмиз. Тан олиш қанчалик оғир бўлмасин, ҳар бир боланинг кутилмаган бир дамда жиноят кўчасига бурилиб кетиши эҳтимоли борлигини унутмасак бас.

“Бола нима сабабдан жиноят кўчасига киради?” деган саволга беш жавоб ёзиб кичик тадқиқот ўтказдик. Бу сафар бир неча маҳаллада эмас, битта маҳаллада турли вақтда ва турли одамларга мурожаат қилдик. Бир маҳалладаги одамларнинг бу масаладаги фикрлари яқин бўлар, деб ўйлаган эдик. Акси бўлиб чиқди. Шу боис жавобларнинг фоизини кўрсатмаймиз-да, сиз азизларга мурожаат этамиз: жавобларни диққат билан ўйланг. Дўстларингиз, қўни-қўшниларингиз, қариндошларингиз билан фикрлашсангиз янада яхши. “Менинг хонадонимда бундай муаммо йўқ, ҳаммаси одобли”, деб ўзингизни четга олманг. Хонадонингизнинг баодоб экани аъло! Бироқ, атрофга бирон касаллик тарқалса, хонадонингизда бу касал билан ҳеч ким оғримаса-да, хасталикни юқтирмаслик чорасини кўрасиз-ку?

“Бола нима сабабдан жиноят кўчасига киради?” деган саволнинг жавобларига эътиборингизни тортамиз:

1.Боланинг ўзига нисбатан қилинган адолатсизликдан.

2.Кўча зўрларининг ҳаётига маҳлиё бўлиб.

3.Кўча зўрларидан қўрқиб.

4.Биронта ўртоғига эргашиб.

5.Атрофидаги ҳамма нарсадан безиб.

6...

7...

Биз келтирган жавоблар сизни қониқтирмаслиги ҳам мумкин. Шу сабабли сизнинг шахсий мулоҳазангизга бўш ўрин қолдирдик.

Бўш вақт

  • Ҳалокат жари

  • “Кўча” тарбияси

  • Ким фикрлашдан тўхтайди?

  • Дискотека “вабо”си

Биз бўйсунмасларни тарбиялашда асосан насиҳат йўлини танлаймиз. Ҳолбуки бўйсунмас, қайсар, интизомсиз болаларни қуруқ насиҳат билан тарбия қилиб бўлмайди. Уйда насиҳат, кўчада насиҳат, мактабда насиҳат, радио-телевидениеда насиҳат — буларнинг барчаси боланинг ғашини келтира бошлайди. Насиҳат бошланиши билан пешонасини тириштиради, индамай эшитишга мажбурлиги учун тинглайди. Хаёли эса, бутунлай бошқа томонда бўлади. Баъзи болалар насиҳатдан безганларини очиқ ошкор қилишдан ҳам тоймайдилар. Насиҳатнинг тарбиядаги ўрнини бутунлай рад этмаймиз, лекин, унинг таъсири озлигини ҳам тан олишимиз керак. “Хўш, унда қандай йўл билан тарбия қилишимиз керак? Жиноят томон кетаётган болани нима тўхтатади?” — деган савол туғилиши табиий. Саволга жавоб топишга уриниб кўрамиз. Аввало таъкид этамизки, ҳар бир бола — бир олам. Ҳар бирига алоҳида йўл топмоқ керак. Ёмон йўлга юрмаслик, яхши ўқишга даъват бир хилда бўлмайди.

Барча мамлакатлар учун боланинг бўш вақти масаласи муҳим муаммолардан ҳисобланади. Мактабдан кейинги ярим кунда боланинг нима билан шуғулланиши унинг тақдирини белгилайди. Шаҳардаги маҳаллаларда, қишлоқларда бола катталарнинг эътиборида бўлади. Бу бола кимнинг фарзанди эканини катталар билишади ва ундаги ножўя ҳаракатни эътиборсиз қолдиришмайди. Кўп қаватли уйларда эса, бунинг акси. Қўшнилар бир-бирларини танишмайди. Ножўя иш қилаётган болани тартибга чақиришмайди. Шунданми, қамоқдаги болалар яшаш жойларига ажратилиб ўрганилганда маҳалла ва қишлоққа нисбатан кўп қаватли уйларда истиқомат қиладиганлари кўпроқ экани аниқланди.

Бўш вақт масаласини ҳамма ўзича ҳал этади. Кўпчилик тарбиянинг бу соҳасида асосий эътиборни меҳнатга қаратиш тарафдори. Биз ҳам бу йўлни тўла маъқуллаганимиз ҳолда, болаларимизни меҳнатга қандай қизиқтиришимиз керак, деган саволга диққатингизни тортамиз. Тўғри, меҳнат барча замонларда ва барча жамиятларда буюк ҳуқуқ ва буюк зарурат ҳисобланган. Тўғри, маданият юксаклиги меҳнатга бўлган муҳаббатга боғланади. Ўзгачароқ таъбир билан айтсак, маданият қанчалик юксак бўлса, меҳнат шунчалар юксак қадрланади. Чунки, меҳнат ҳамиша инсон ҳаёти ва маданиятининг асосини ташкил этган. Донишманд айтмоқчи, агар ҳаёт кемаси меҳнат лангарига суянмаса, ҳамма шамоллару довулларга дош беролмайди. Бу таърифларни биламиз. Аммо, бу ҳақиқатларни болалар онгига қандай сингдира оламиз? Шиорлар биланми ё аниқ ҳаракатлар билан? Бир киши болаларига насиҳат қилиб дер эканки: “одам маймундан пайдо бўлган, агар меҳнат қилмасаларинг яна маймунга айланиб қоласанлар”. Бу насиҳатда чуқур рамзий маъно бор. Бунда одамнинг жисмонан эмас, маънан маймунга айланиб қолиши назарда тутиляпти. Диққат қилайлик, дунёда тирик жон борки, ҳаммаси ҳаракатда, ҳаммаси меҳнат билан банд. Лекин, инсон билан бошқа тирик жонлар меҳнати орасида “ОНГ”, “ВИЖДОН”, “ҲАЛОЛЛИК”, деган тушунчалар бор. Қўполроқ таъбир билан айтсак, ўғри ҳам, ғар ҳам ўзича меҳнат қилади. Шундай экан, биз инсонга хос тушунчалар асосидаги меҳнатни, фақат ўзига эмас, жамиятга ҳам наф келтирадиган меҳнатни назарда тутишимиз керак. Рисоламиз аввалида баён қилганимиз, қамалган боласи ҳажрида куйган ота “фарзандим меҳнат қиляпти, санқиб юрмаяпти”, деб фикр қилган. Бироқ, ҳалолликни четлаб, осон йўл билан пул топиш инсонга хос эмаслигини ўйлаб кўрмаган. Тижорат — ўзига хос меҳнат, унинг ҳам машаққатлари бор, буни инкор этмаймиз. Ҳамма ҳам тижоратчи бўлолмайди, бу соҳага ҳам қобилият керак, буни ҳам билмоқ жоиз. Тижоратда нима ҳалолу нима ҳаром — буни дин аниқ белгилаб берган. Бу белгилаш жамият талабларига ҳам мосдир. Демак, тарбияда меҳнатнинг ҳалол бўлмоғига эътиборни қаратиш керак бўлади.

Ҳалол меҳнатга муҳаббати бўлмаган одам тўғри йўлни йўқотиб қўяди. Оқибатда барчаси ҳалокат жарига борувчи турли сўқмоқларга дуч келади: бир йўл ҳаётда ҳамиша норозилик ҳиссига тўла бўлади ва ўсмир шу ҳис билан яшайди. Бир йўл зерикиш, қониқмаслик ботқоғи, яна бири ўз-ўзини аста-секинлик билан маҳв этишдан иборат бўлади. Бу йўллардаги ўсмирнинг онги, нафси молникидан фарқланмай қолади. Агар “Ҳалол ва онгли меҳнат — ҳаёт асоси”, деган шиордан келиб чиқсак, бошқа йўлларни танлаган ўсмир тириклайин ўлиб бораверади.

Ҳалол меҳнатнинг афзаллигини фарзанд онгига сингдиришда атроф-муҳитнинг салбий таъсирини ҳисобга олмасак бўлмас. Жамият бой-камбағал деган тоифаларга бўлинган паллада боланинг дунёни англаши анча мураккаб тарзда кечади. Боланинг оиласи ҳалол меҳнат билан кун кўради. Ота-онаси ҳамиша иш билан банд. Шубҳасизки, фарзандининг ҳузурида баъзи-баъзида бўлса-да, нолиб қўйишади. Уларнинг қўшниси эса, бадавлат. Ҳамиша иш билан эмас, маишат билан банд. Бола бу фарқни ўз кўзи билан кўриб турибди. Унда “яхши яшаш учун ҳалол меҳнат қилиш шарт эмас”, деган тушунча

шакллана бораверади. Ҳалол меҳнат билан кун кўрувчи ота-онаси унинг кундан кун ортиб бораётган талабларини қондира олмайди. Ҳалолликдан нарида юрувчи ота-она эса, фарзандини ошириб-тошириб таъминлаб қўйган. Ана энди боладан сўранг-чи, қай бири афзал экан. Бу ўринда бадавлат оиланинг фарзанди онгидаги тушунчани ҳам назардан соқит қилмаслик керак. У ҳам ҳалол меҳнат ҳақида кўп эшитади. Қўшниси мисолида бу ҳалол меҳнат туфайли қандай яшаш мумкинлигини кўради. Шу ўринда амалдаги кўриниш билан назария тўқнашади ва амалдаги кўриниш болалар онгига ҳукмронлик қилиб олади. Виждон, ҳалоллик — олий даражадаги фазилат экани ҳақидаги гапларни улар ҳазм қила олмайдилар.

Шайх Саъдийнинг:

“Есам арпа нонини меҳнат билан,

Шириндир бировларнинг оқ нонидан” —

байтларини бу тоифа болаларга сингдириш осон кечмайди. Хаёлан бир тажриба қилиб кўрайлик: ўсмирларнинг рўпарасига иккита нон қўяйлик-да, биттасига оғирроқ меҳнат билан етишасиз, иккинчиси учун меҳнат шарт эмас, денг-чи, қанчаси меҳнат эвазига олинувчи нонни танлар экан?

Меҳнат тарбиясини боланинг суяги қотгач бошлаш керак, дегувчилар янглишадилар. Бола эмаклаганда ёки хонтахтани ушлаб юра бошлаганида билибми-билмайми бу тарбияни бошлаб юборамиз. “Пиёлани олиб бер”, “Қошиқни узатиб юбор”, дейишимиз меҳнат тарбиясининг дебочасидир. Шу ўринда гўдакнинг ҳаракатини кузатайлик: у ҳали “меҳнат — ички эҳтиёж самараси”, деган тушунчадан йироқ. Лекин, сиз айтган пиёлани узатиб юборгач, уни мақтаб, эркалаб қўйсангиз, у шодланади ва иккинчи, учинчи пиёлани ҳам узата бошлайди. Демак, меҳнат учун рағбатлантириш лозим экан. Ўша гўдак сиз айтишингиз билан пиёлани узатмади, шунда сиз уни меҳнатга ўргатиш учун зўрлай бошлайсиз. Пиёлани мажбурлаб ушлатасиз, узатишга ҳам зўрлайсиз. Йўқ, азизлар, буни меҳнат тарбияси доирасига киритишимиз қийин. Меҳнатга зўрлаш болада меҳнатга нисбатан нафрат уйғотиши мумкин.

Меҳнат тарбияси шаҳарга нисбатан қишлоқда осонроқ ҳал этилади, деб ўйлаймиз. Айнан қишлоқда меҳнатга мажбурлаш усули кучлироқ. Бола истаса-истамаса отаси ёки онаси қанотида меҳнат қилишга мажбур бўлади. Айрим болаларда меҳнат мажбурияти мавжуд, меҳнатга севги эса, заиф бўлади. Шундайлар шаҳар шароити билан танишгач, қишлоққа қайтишни истамай қолади. Россиядаги қишлоқларнинг бўшаб қолишини айнан шу билан изоҳлаш мумкин. Тўғри, бизда у даражада эмас, аммо, шундай ҳоллар мавжудлигини инкор этмаслигимиз ҳам керак.

Шаҳарда, айниқса кўп қаватли уйларда яшовчиларни меҳнатга жалб этиш анча қийин. Бу уйларда яшовчи болаларнинг асосий иши: кунда бир марта нон дўконига чиқиб келиш, ҳафтада бир марта ахлатни олиб чиқиб тўкиш. Бу иш ҳам зўр машаққат билан бажарилади. Катта ака ўртанчага буюради, ўртанча эса, кичигига. Униси “Ҳадеб мен қилавераманми...” — деб нолийди, оқибатда ғавғодан безган ота ёки она бу ишни ўзи бажариб қўя қолади. Бу уйларда яшовчи болаларни атрофни тозалаш учун ҳашарга жалб этиш қийин. Ота-онаси зўрлаб чиқарса ҳам қўл учида ишлайди. Ҳовлини тозалашни ўзлари учун паст иш деб биладилар. Шунинг учун ҳам кўпгина уйларнинг атрофи ахлатхонани эслатади. Кўчани супуриб қўйишнинг улуғ савоб эканини вақтида фарзанди онгига сингдирмаган ота-она энди боласининг ишёқмаслигидан нолимаса ҳам бўлади. Агар бола 16—18 ёшигача ҳалол меҳнатга ўргатилмас экан, демак, унда “интизом” деган фазилат шаклланмайди. Бу фарзанд иродасиз, танбал, ҳавойи бўлиб қолади. Ҳаётга қизиқиши ҳам заиф бўлади. Айнан шу тоифа болалар нашаванд ва гиёҳвандлар чангалига осон тушадилар.

Айрим ота-оналар фарзандларини биронта ҳунар эгасига шогирдликка берадилар. Тўғри, жамиятда болаларни оғир меҳнатга жалб этиш мумкин эмас. Корхоналар бу талабга амал қилишни баъзан меъёридан ошириб юборишади. Ўсмир бажарадиган юмуш мавжудлигига қарамай, уларни яқинлаштиришмайди. Ҳунарманд усталар эса, аксинча. Сувоқчими, кулолми, дурадгорми... болаларни ёнларига оладилар. Болаликдан устанинг ёнида юрганларнинг ҳам кўзи пишади, ҳам қўли ўрганади. Оқибатда улар моҳир уста бўлиб етишадилар. Энг муҳими — бекорчиликдан санғимайдилар. Меҳнатсеварликнинг хайрли экани ҳақида юзта насиҳатдан кўра шу усул дуруст эмасмикин? Тўғри, усталарнинг ҳам ҳар хили мавжуд. Ҳаммаси ҳам бегона болага ҳунарини очиқ кўнгил ва қунт билан ўргатавермайди. Устанинг қанотига кирган ўсмирларнинг барчалари ҳам тўғри ва ҳалол йўлга киравермайдилар. Юқорида зикр этилган алдов ёки айёрлик билан ҳунардан бўйин товлашга интиладилар. Бу ўринда яна ота-она ва устанинг биргаликдаги тўғри муносабати муҳим. Афсуски, усталар кўп эмас, бекорчи болаларнинг барчасини қанотларига ололмайдилар. Бу ўринда давлат болаларнинг бўш вақти хусусида аниқ тадбирларни белгилаб бериши керак. Корхоналарда ўсмирлар учун махсус иш жойларини тайин этиш шу тадбирлардан бири бўлса нур — аланнурдир. Халқ таълими тизимида (илгари “пионерлар уйи” дейиларди) “Қўшимча таълим” марказлари мавжуд. Бу марказларда турли ҳунарлар ўргатадилар. Санъатга жалб этадилар. Нақш, ганчкорлик, ўймакорлик, дурадгорлик, чеварлик, тўқувчилик каби тўгаракларда болалар деярли тўла бўлади. Санъат турларига қизиқиш ҳам кучли. Лекин, бу марказларга асосан яқин атрофдаги мактаб ўқувчилари қатнайдилар. Узоқроқдаги мактабларнинг ўқувчиларини ота-оналари юбормайдилар.

Бориб-келишидан хавотирланадилар. Ундан ташқари, мазкур тўгаракларга асосан ўн уч—ўн тўрт ёшгача бўлган болалар қатнайдилар. Ўсмир ёшидагилар учун эса, шуғулланадиган юмуш яна йўқ. Авваллари болалар учун футбол бўйича “Чарм тўп”, “Зарнитса” (“Яшин шуъласи”) каби ҳарбий ўйинлар ўтказиларди. “Қувноқ стартлар”, “Светофор” каби ўйинлар ҳозир ҳам мавжуд. Лекин, бу ўйинларда ҳам ўсмирлар иштирок этишмайди. Демак, ўсмирларнинг бўш вақтлари тўлалигича ўзлари ҳукмига топширилган, деб ўйласак ҳам бўлар. Бўйсунмаслар тарбиясининг энг нозик, айни дамда хатарли нуқтаси ҳам шу ерда. Бўш вақтига ўзи хўжайинлик қилувчи болалар кўп ҳолларда кўча ёки маҳалла зўравонлари таъсирига тушадилар ва бунинг оқибати нима бўлиши барчага маълум.

Ана энди яна бир нарсага диққат қилайлик. Биз бўйсунмас деб атаётган болалар оилада, синфда фақат танқид эшитадилар. Синфда уларнинг ҳимоячилари йўқ ҳисоби. Улар дўстлашмоқчи бўлган болалар катталар томонидан ўргатилган «Ёмонга яқин юрма!» шиорига амал қилиб ўзларини нари оладилар. Кўчада эса аксинча, аҳил дўстлик мавжуддай кўринади. Бўйсунмас йигитча ёки қизчага бу улуғ бир неъмат бўлиб кўринади-ю, кўча жамоасига боғланади.

«Кўча тарбияси» дейилганда кўз олдимизга фақат безори, жиноятчи болаларни келтирамиз. Кечки пайт кўчада тўпланиб турган болаларни кўрсак, хаёлимизга фақат йўлтўсарлар келади. Ҳолбуки, кўча таъсирида барча жиноятчига айланиб қолмайди. Айни чоқда тўгаракка қатновчи болаларнинг ҳаммаси ҳам яхши бўлиб қолмайди.

Бу ҳам ҳақиқат. Ҳозир эл оғзида «столба қоровуллари», деган ибора пайдо бўлган. Кўп ерларда кеч тушиши билан симёғоч яқинига ўсмирлар тўпланишни одат қилишган. Улар шунчаки гаплашиб ўтирадилар. Уйда ота-онаси ёки ака-опаси билан суҳбатлашишнинг уларга қизиғи йўқ. Бошқа шуғулланадиган ишлари ҳам йўқ. Ўртоқлари билан гаплашиб ўтирадиган жой ҳам йўқ. Айрим ота-оналар болаларни уйга таклиф этадилар. Лекин улар таклифни қабул қилмайдилар. Чунки ота-оналар ҳузурида улар истаган мавзуларида суҳбатлаша олмайдилар. Ёки катталардан истиҳола қиладилар. Айрим ерларда «ўсмирлар клублари» ташкил этишга ҳаракат ҳам бўлган. Лекин ўсмирлар бу клубларга ҳам боришмайди. Чунки клубларда ўзлари истаган мавзуда эмас, тарбиячилар тавсия этган мавзуда гаплашишни ёқтирмайдилар. Демак, бу ўринда «Ўсмирлар клублари ташкил қилиш керакми? Бу клублар ташкил қилинган тақдирда қандай йўналишда иш олиб бориши керак? Улар ўсмирларни,айниқса бўйсунмасларни жалб қила оладиларми?» деган саволларга жавоб топиш керак бўлади.

«Столба қоровуллари» суҳбатлашадиган аниқ мавзу йўқ. Каллага нима гап келса ўша томон оғаверадилар. Шу боис уларнинг суҳбатини маъносиз, дейишга ҳақлимиз. «Болалар шунчаки гаплашиб ўтиришибди, уларнинг орасида безорилар йўқ», деб ҳотиржам бўлишга эса ҳаққимиз йўқ. Уларнинг орасида бугун безори йўқдир, бироқ эртага қўшилиб қолар. Қўшилиб қолганини, нашага ўргатишни бошлаганини вақтида пайқаймизми?

«Беозор» «столба қоровуллари» наша чекиб ўтиришганда, бир одам уларни тартибга чақиради. «Отанг баобрў одам, бу ишинг чакки», дейди. Унга жавобан «беозор» «Мияни ачитманг, братан, биз билан битта тортинг», деб таклиф қилади. Натижада жанжал чиқади ва тартибга чақирган одам ўлдирилади. Қаранг, болалар бу ерга бекорчилик оқибатида тўпланишган, бировга ёмонлик қилиш фикрлари бўлмаган. Ҳуқуқ тили билан айтилганда бу «қасддан одам ўлдириш»га кирмайди. Кечки пайт тўпланган болаларнинг беозор суҳбатлари жар ёқасида туришни эслатади. Жарга қулаш учун салгина туртки кифоя.

Кейинги йилларда болаларнинг бўш вақтлари кўпроқ телевидение ва видео тамошалари билан банд бўляпти. Ҳатто ҳазил аралаш «телебола» деган атама ҳам пайдо бўлди. Бу «телебола»лар атрофларидаги барча гўзалликларни рад эта бошлайдилар. Франтсияда қизиқарли тадқиқот ўтказишибди. Уч мингта болага «телевизор яхшими ё отангми?» деган саволни бериб, қарийб икки мингтасидан «Телевизор яхши», деган жавобни олишибди. Буни бир неча давраларда айтиб, эшитганлар юзида ташвиш кўрмадик. Деярли барча латифа эшитгандай кулимсираб қўйди. Аслида бундай хабар барчани ўйлантириб қўйиши керак. Франтсияда бу тадқиқотни шунчаки бекорчиликдан ўтказишмагандир. Тарбияга доир ишларида нималарга эътибор қаратиш лозимлигини аниқлаш учун қилишгандир. Шунга яраша чоралар кўришар. Хўш, бу ҳолатнинг бизга алоқаси йўқми? Тўғри, бизда икки мингта бола «отамдан телевизор яхшироқ», деб жавоб бермас. Агар уч мингта боладан учтаси шундай жавоб қайтарса ҳам ташвишланишимиз зарур эмасмикин? Бугун учта бола шундай деб турса, эрта-индин уларнинг сони ошмасмикин? Орадан кўп вақт ўтмай ўша Франтсиядаги натижа бизда ҳам қайд этилмасмикин? Бу муаммо хусусида қачон бош қотирамиз? Уч мингта боланинг ҳаммаси бир овоздан отадан кўра телевизор афзаллигини таъкид этгандами?

Ана энди шу болаларимизга четдан разм солайлик: китоб ўқиш улар учун азоб, театрда юраклари сиқилади, музейларда роҳатланмайдилар. Мусиқанинг фақат енгил турларини тинглашлари мумкин. Ёзувчилар бу «телебола»ларни бадиий адабиётга қайтариш керак, дейдилар, яна бировлар театрга, бошқалари музейга, дейдилар, аммо қандай қайтаришни аниқ билмайдилар. Агар бизда ўсмирлар учун бадиий адабиёт деярли йўқлиги, болалар ёзувчиларининг ҳам ғоят камлиги инобатга олинса, бу фикрнинг амалга ошуви мушкул экани ойдин бўлади. Кишини ўйлатадиган яна бир масала: кино тасмаларига кўчган бадиий асарлар ўз мағзини сақлаб қололмайди. Кинорежиссерлар асарни ўзича талқин қилиб, ўзича намойиш этади. Асардаги фикр, қаҳрамонларнинг руҳий ҳолати улар учун муҳим эмас, муҳими - кинотамошабинни зериктирмаслик. Шунинг учун ҳам айрим бадиий асарларни киноталқинини кўриб танимай қоламиз. Масалан, «Қутлуғ қон» асарида Гулнор захарланиб ўлади. Кинода эса Йўлчининг синглиси Унсин. «Ўтган кунлар»да ҳам, бошқа филмларда ҳам шунга ўхшаш ўзгаришларни кўриб, ажабланамиз. «Ўтган кунлар»ни ўқиб йиғлаган одамларнинг таассуротларини кўп эшитганмиз. Аммо киносини кўриб кўзлари ёшланган одамни учратмадик...

Европа мамлакатларида болалар ва ўсмирлар адабиётига жуда жиддий аҳамият берадилар. Бизнинг болаларимиз ўқийдиган китобларнинг ҳам асосан таржима асарлар экани сир эмас. Болаларнинг севимли қаҳрамонлари ҳам Европа адабиётининг фарзандлари. Яхши бадиий асар миллат танламайди, чегара билмайди. Бироқ, халқнинг ўз адабий қаҳрамонлари бўлса яна яхши. Бу соҳадаги тарбиямизда битта камчилигимиз бор. Аввало кўп хонадонларда оиланинг катталари китоб ўқимайдилар. Ўзлари ўқимай туриб фарзандларини китобга жалб қила олармикинлар? Ўша ота-оналар ўйлаб кўрсинлар, фарзандлари бўш вақтларини кўча безорилари ёки беҳаё кинолар қуршовида ўтказганлари маъқулми ё фикр тарбиясини берувчи китоб билан дўстлашганлари афзалми? Донолардан бири «Китоб ўқимаган киши фикрлашдан тўхтайди», деган экан. Кимдир бунга қарши чиқиб айтарки: «Мен умримда китоб ўқимаганман, лекин фикрлайман-ку?» Тўғри, ўқиган ҳам, ўқимаган ҳам фикрлайди. Бироқ қай тарзда фикрлайди? Фикрининг маъноси борми? Бу фикри билан ўзгалар орасида эътибор қозона оладими? Дуруст, ота ёки она ўқишнинг афзаллигини тушуниб етдилар. Фарзандларини ўқишга даъват эта бошладилар. Лекин бола ёши улғайгач, бу даъватга дарров бўйсуна қолмайди. Ҳатто қизиқарли китобни ҳам четга суриб қўяди. Баъзи ота-оналар мана шундан зорланишади. «Фалон сўмлик китоб олиб келдим, ўғлим бир бет ҳам ўқимади»,- дейди. «Ўша китобни ўзингиз ўқидингизми?»- деб сўраймиз. «Бе, ўқишга вақт борми?»- деган жавобни эшитамиз. Чойхонада кунда, кун ора ошхўрлик қилишга, маишатга вақт топилади. Бешик тўйларида соатлаб валақлаб ўтиришга фурсат бор, аммо фарзанднинг тарбиясига вақтимиз йўқ. Шахсий намуна деган тушунчадан узоқмиз. Бизнинг назаримизда «Мана, сенга китоб олиб келдим, ўқи»,- дейиш - тарбия. Шу билан биз бурчимизни бажардик. Боламизнинг китоб ўқимаслиги эса... Худодан. Уни Худо шундай яратган...

Бир киши фарзандини донишманд ҳузурига олиб келиб: «Тақсир, насиҳат қилиб қўйинг, ўғлим жуда кўп хурмо ейди. Бир ўтиришда эллик хурмони кўрдим демайди. Кўп емоқлик зарар эканини тушунтиринг»,- деб илтимос қилибди. Донишманд: «Бир ойдан кейин келинглар»,- дебди. У одам яна бир ойдан кейин рўпара бўлганида донишманд: «Эй ўғил, кўп хурмо емоқлик зарарлидир»,- дебди. Бу қисқа насиҳатни эшитган киши: «Шу гапни бир ой олдин айтсангиз бўлмасмиди?»- деб ажабланибди. Шунда донишманд: «Бир ой аввал бундай дейишга ҳаққим йўқ эди. Чунки мен ҳам хурмони яхши кўриб кўп ердим. Бир ой давомида нафсимни тийиб, озга келтирдим ва насиҳат қилмоқ ҳуқуқига етдим»,- деган экан.

Айтмоқчимизки, тарбиянинг барча кўринишларида, хусусан китоб ўқишга даъватда шахсий намунанинг фойдаси кўп. Тарбиянинг барча турлари каби китоб ўқишга ўргатиш ҳам болаликдан бошланади. Европа мамлакатларидаги нашриётларда «Ойижон, ўқиб беринг», туркумида китоблар кўп чиқарилади. Номидан кўриниб турибдики, бу китоблар мактаб ёшигача бўлган болаларга аталган. Бу ёшдаги болаларда «китобни кўрсам бошим оғрийди», деган гаплар бўлмайди. Барчаси қизиқиш билан китобни варақлайди. Баъзилари расмлардан завқ олади унда нима акс этганини билишни истайди. Баъзилари китобни йиртиб завқ олади. Ота ёки онанинг китобни ўқиб бериши ёки расмлар мазмунини тушунтириши боласининг келажаги учун жуда-жуда зарурдир. Бола учун ажратилган беш-ўн дақиқа вақт келажакда ойлаб-йиллаб давом этадиган қайғу-аламлар олдини олишини англаб етган ота-она нақадар бахтли!

Юқорида зикр этганимиз ота ёки она боласига атаб китоб олгани учун ҳам уларга офаринлар айтмоқ жоиз. Чунки боласига китоб олмайдиганларнинг сони-саноғи йўқ. Бозорга бориб боласига қуртми, сақичми ёки бирон қимматбаҳо ўйинчоқми олишни унутмайди. Лекин китоб растаси ёнидан ўтаётганида «боламга мос китоб бормикин?» деб қайрилиб ҳам қарамайди. Ҳозир бу даъвони айтсангиз «Китоб қиммат», деб баҳона қилишади. Аввало китоб жуда арзон бўлганда ҳам аҳвол шундай эди. Қолаверса, ўзини «ота», деб, фарзанди тарбиясига масъул деб ҳисобловчи кимсанинг бир кунда чекадиган сигарети пулига ёки маишатига сарф қиладиган маблағига қанча китоб сотиб олса бўларкин. Биз «Болажонмиз!» деб кериламиз-у, болажонлигимизни фарзандларимизни яхши кўриш билангина чеклаймиз. Эҳтимол бу гапларимиз баъзилар учун малол келар. «Ошириб юбордингиз», деб маломат қиларлар. Унда мана бу далилларга диққат қилинг: мактаб ўқувчиларининг сони тахминан беш миллион атрофида бўлса керак. Шу ўқувчиларга мўл чиқариладиган журналнинг нушаси йигирма мингдан ошмайди. Нашр этилган яхши китоблар ҳам чанг босиб ётади. Гап китоб ва журналларнинг қимматлигида эмас, гап ота-онанинг эътиборсизлигида!

Болалар қамоқхонасида ўтказилган сўровларимиздан маълум бўлди-ки, у ерга тушганларнинг қарийб тўқсон фоизи битта ҳам бадиий китоб ўқимаган. Етмиш фоизи театр остонасини босиб ўтмаган. Юз фоизи рассомларнинг кўргазмаси нима эканини билмайди. Бўш вақтдан тўғри фойдаланиш ҳақидаги фикримизни қувватлаш учун яна қандай далил керак?

Бир куни болалар қамоқхонасида адабий учрашувга бордик. Бу ерга биринчи марта кирган шоир биродаримиз болаларнинг жиноятлари ҳақидаги ҳикояни эшитиб гангиб қолди. Ҳаяжонга берилиб, «Мен бу ерда шеър ўқий олмайман»,- деди. Мен ундан Усмон Носирнинг «Муҳаббат» шеърини ўқиб беришни илтимос қилиб, аранг кўндирдим. Бир хил кийинган, сочлари бир хилда қиртишланган, кўзлари бир хилда маъносиз боқувчи бир неча юз бола тўпланган жойга кирганимизда шоир биродаримиз бу нигоҳларга қарай олмай кўзларини юмиб олди. Шу ҳолда шеърни ўқиди. Бу шеърни ўқитишдан мақсад - кичкина ижтимоий тадқиқот ўтказиш эди. Йиғилганларнинг барчаси севги ёшидаги ўсмирлар. Кўпчилиги севишга, аёл билан бўлишга улгурган.

Севги туйғуси бегона эмасдир, деган фикрни синаб кўрмоқчи эдим. «Севги! Сенинг ширин тилингдан ким ўпмаган, ким тишламаган!» деб бошланувчи шеър ҳар қандай ёшнинг дилини қитиқлаши тайин. Аммо жиноятчи ўсмирларга бу таъсир этмади. Уларнинг юзларида, қарашларида ўзгариш сезилмади. Оддий гапни эшитгандай ўтираверишди. Шеърда «Уфқда ботар қуёшни шарт кесилган бошга ўхшатдим», деган сатр бор. Шу сатр ўқилганда, не ажабки, ўтирганларда жонланиш сезилди. Бундагиларнинг оз қисми қотиллиги туфайли қамалган, лекин бошқа жиноятлар билан ўтирганларга ҳам «шарт кесилган бош» таъсирли бўлди.

Уч ўсмир кечқурун ҳомиладор аёлга дуч келиб, «Хотиннинг туғишини кўрамиз», деб қийнашган. «Эси бутун одам бундай қилмайди, улар жиннидир», дерсиз? Йўқ, уларнинг кўриниши ҳам бинойи, эслари ҳам жойида. Биз улар билан суҳбатлашганда «Нега бундай қилдинглар?» деб саволга тутмадик. Ўқиган китоблари, кўрган театр тамошалари, кинофилмлари билан қизиқдик. Жангари, бадахлоқ кинотамошаларини кўришда камчиликлари йўқ. Учтадан иккитаси болалигида синфдошлари билан ёш тамошабинлар театрига неча мартадир борган, лекин нимани кўргани эсида йўқ. Биттаси умуман театрга қадам босмаган. Уччаласи ҳам бадиий китобни қўлига олмаган. Биттаси мактабдаги адабиёт дарсида ўқиганларини сал-пал эслайди. Улар билан суҳбатлаша туриб ўйладим: «Агар бадиий китоб ёки саҳна санъати орқали фақат инсонга хос севги-муҳаббатни қалбларига сингдиришганда эди, жиноят кўчаларида тентирамасмидилар...»

Китоб ўқишни ўргатишдаги ота-онанинг масъулиятини театрга, ёки музейга, ёки рассомлар кўргазмасига... олиб боришда ҳам таъкидлашимиз керак бўлади. Жуда оз ота-оналар фарзандлари билан бу жойларга борадилар. Театр-музейларга олиб бориш асосан мактабларнинг зиммасида. Ота ёки она «Бугун театрга борибсан, нимани кўрдинг, нимани тушундинг?»- деб беш дақиқагина суҳбатлашармикин? Агар суҳбатлашсалар - шарафлар бўлсин бу зотларга!

Кузатувлардан аниқки, болалар ва ўсмирлар феъл-атворининг шаклланишида бўш вақтдан тўғри фойдаланиш ғоят муҳим эканлиги тан олингани ҳолда бу зарур масаланинг ечимига эътиборсиз қаралади. Бошқачароқ айтсак, бўш вақтдан фойдаланишга доир мавжуд тадбирлар етарли самара бермай қўйган. Бунинг акси ўлароқ, кўчанинг таъсири кучлироқ бўляпти. Айтайлик, кўчанинг бир бетида шахмат-шашка тўгараги ташкил этилган. Иккинчи бетида бевош ўспиринлар қарта ўйнаб ўтиришибди. Кўчанинг ўртасида эса биз тарбияламоқчи бўлган юзта бола турибди. «Ихтиёр ўзингизда, бўш вақтингизни ким билан ўтказасиз?»- деб кўрайлик-чи? Ишонаманки, шу юз боладан кўпи билан йигирма-йигирма бештаси шахмат-шашка томон юради.

Совет жамиятининг сўнгги йилларида бўш вақт масаласи бўйича масъул идоралар берган маълумотга кўра, ўрта ёшдаги ўқувчиларнинг етмиш фоизи, юқори синф ўқувчиларининг олтмиш фоизи мактабдан ташқаридаги турли тўгараклар, клубларда шуғулланар эканлар. Совет Иттифоқидаги болаларнинг йигирма тўрт фоизи спорт билан доимий банд экан. Ўн уч фоиз ўқувчи бўш вақтларини техникага доир ҳунарларни эгаллашга сарфлар эканлар.

Бу кўрсатгич 2000 йилда олий даражага етказилиши мўлжалланганди. Кўнгилни ҳотиржам қилувчи бу рақамлар фақат қоғозда эди. Ўшанда қайта текширишдан сўнг «спорт билан шуғулланяпти», деган маълумотдан 12 миллион болани ўчиришга тўғри келган. Рўйхатда бору аммо асли йўқ бўлган минглаб тўгараклар аниқланган. Яна аниқландики, 1980 йилдаги кўрсатгич 1990 йилда озгина бўлса-да, яхшиланмабди. Ўша даврда мактаб ўқувчиларининг 5-6 фоизигина тўгаракларга қатнашар эканлар.

Янги жамиятга ўтар чоғидаги қийинчиликлар сабаб бўлиб, юртимизда аввалига бу масалада илгарилаш етарли бўлмади. Кейинги йилларда бу камчиликларга барҳам бериляпти. Айниқса болалар ва ўсмирларни спортга жалб этишга берилаётган эътиборни собиқ иттифоқ ҳудудидаги ҳеч бир мамлакатда учратмаймиз. Шунга қарамасдан бўш вақтга доир масалаларда қилинадиган ишлар кўп. Шу масалаларни ҳал қилиш учун ҳам «Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси» тузилди. Мазкур жамғарма Ҳомийлик кенгашининг Оқсаройда бўлган мажлисида (2003 йилнинг 4 июн куни) таъкидланишича, Республикада 6 миллион 528 минг нафар олти ёшдан ўн етти ёшгача бўлган бола бор. Жамғарма раиси А.Мирқосимовнинг ахборотича, ана шу болаларнинг 432 минг нафари, яъни 6,7 фоизигина спорт билан мунтазам шуғулланади. Халқ таълими вазири Р.Жўраевнинг маълумотига кўра эса 26 фоиз бола шуғулланаркан. Оддий ҳисобдан хабардор одам ҳам бу рақамнинг тўқима эканини англаб олиши қийин эмас. Чунки бир ярим миллиондан ошиқ боланинг мунтазам спорт билан шуғулланишини тасаввур қилиш қийин. Бундай рақам ривожланган мамлакатларда ҳам юқори кўрсатгич ҳисобланса керак. Яна республикамиздаги мавжуд спорт иншоотларидан 30-40 фоизигина ишлаётгани ҳисобга олинса давлат раҳбарининг ташвишларини англаш мумкин. Икки раҳбарнинг ахборотидаги икки хил манзарага эътибор қаратган Республика Президентининг танбеҳлари ғоят ўринли: «Гап рақамларда эмас. Асосийси, бу рақамлар, кўрсатгичларнинг бугун қилаётган ишимизга қараб эртага ўсиши, ўзгаришидир. Хўжакўрсинга рақамбозлик қилишдан кўра, соғлом авлод тарбияси муҳим эканини унутмайлик. Бу борадаги барча ишларимиз мавсумий эмас, давомли, чуқур ўйланган бўлмоғи даркор. («Маърифат» газетаси, 7 июн)

Тадқиқотимиз давомида бир қанча тўгаракларнинг ишлари билан қизиқдик. Рўйхат дафтари ҳавасни келтиради. Агар шу рўйхатга ишонилса, тўгарак бола билан тўла. Аслида эса рўйхатдагиларнинг ярмиси ҳам йўқ. «Болалар бирон сабаб билан келмагандир», деб ўйлаган эдик. Бироқ тўгарак раҳбарлари уларнинг охирги марта қачон кўрганларини эслай олмадилар. Биз «болалар рўйхатга атай қўшиб ёзилган, бундай бола умуман бу ерга қадам босмаган»,- деган даъводан узоқмиз. Гап шундаки, расм тўгарагигами ё боксгами ўша болалар келишган, бироқ уч-тўрт марта қатнашиб ташлаб кетишган. Сабаб?

1. Тўгарак иши учун зарур шароит йўқдир.

2. Болага етарли эътибор берилмагандир.

3. Тўгарак раҳбари боладаги қизиқиш чўғини алангага айлантира олмагандир.

4.Тўгарак раҳбари ўзининг нотўғри муомаласи билан болани бездириб қўйгандир.

Бу ўринда асосий айбдор ўша тўгарак раҳбари, десак, янглишмаймиз. Тўгарак раҳбари яхши рассом ёки яхши боксчидир. Лекин унда бу ишда ғоят муҳим ҳисобланмиш тарбиячилик иқтидори йўқдир. Санъатга ёки спортга меҳри аълодир, бироқ, болаларга меҳри саёздир. Бошқа иш йўқлигидан шу тўгаракка келгандир. Бундай одамларни ўз соҳаларидаги юксак маҳоратларидан қатъи назар, болалар билан ишлашга жалб этмаган маъқулроқ. Вақтида чемпионлик шоҳсупасига кўтарилган, энди тренерликни касб этган одам агар сабрли бўлмаса, болаларга хос феъл-атворни билмаса, болалар руҳиятини англай олмаса, болалардаги қайсарлик каби иллатларга чидами етмаса бу соҳада ишлай олмайди. Болага катта талаб қўяди. Бола бажара олмаса, бақиради, ҳақорат қилади. Оқибат эса аён. Баъзан эса болани тўгаракдан раҳбарларнинг ўзлари ҳайдаб юборадилар. Бу ишлари учун ҳеч кимга ҳисобот бермайдилар. Чунки бола ҳайдалгани билан рўйхатда иштирокчи сифатида тураверади.

Мактаб бола ҳар қанча ёмон бўлмасин, уни ҳайдай олмайди. Чунки мажбурий таълим ҳақида қонун бор, бола ҳайдалса қонун бузилади. Бу қонун тўгаракка таалуқли эмас. Ҳайдаса бўлаверади. Мактаб боланинг ота-онаси билан доимий алоқада. Боланинг ахлоқи масаласида отани ёки онани тез-тез йўқлаб туради. Мактабда «Ота-оналар қўмитаси», «ота-оналар мажлиси» деган гаплар бор. Тўгаракда эса булар йўқ. Тўгарак раҳбари шогирдининг оилавий аҳволини деярли билмайди. Суҳбатларимиз даврида биз шунга амин бўлдик. «Шунча бола тўгарагингизга келмай қўйибди, сабаби билан қизиқмадингизми?»- деган саволимизга эса тайинли жавоб ололмадик.

Тўгаракларда ишлаётганлар ўзларини энг аввало тарбиячи деб ҳисоблашлари шарт. Уларнинг моҳир рассом, наққош, боксчи ёки футболчи эканликлари иккинчи даражали масала. Афсуски, бизда бундай талаб қўйилмаган. Тўгарак раҳбарларидан «Тўгарагингизда нечта бола бор, нечтаси кўрикда (ёки мусобақада) ғолиб келди?» деган ҳисобот сўралади. «Тарбияга доир нима иш қилдинг?» деб сўралмайди. Тўгарак раҳбари: «Мактабда қандай ўқияпсан, машғулотдан чиқиб тўғри уйга кетяпсанми ёки бирор овлоқдаги болаларга қўшилиб бевошлик қиляпсанми?»- деб қизиқмайди. Айни чоқда ота ёки оналарнинг аксари «болам кимдан нимани ўргангани қаерга боряпти, машғулотларни канда қилмай қатнашяптими ёки тўгарак баҳонасида уйдан чиқиб санқиб юрибдими?»- деб суриштиришмайди. Бола мактабдаги ўқишдан қолса ота-онасига дарров хабар боришини билади ва интизомга бўйинсунишга мажбур бўлади. Тўгаракда интизом йўқлигини ҳам билади ва бундан усталик билан фойдаланади.

Тўгарак раҳбари бола қалбини кашф эта олиш маҳоратига эга бўлиши шарт. Унда мактаб ўқитувчисида бўлмаган имконият ва имтиёз мавжуд. Бола у ёки бу фанни ёқтирмаса ҳам шу дарсда ўтиришга мажбур. Лекин тўгаракни ўзи хоҳлаб келган, демак айни шу хоҳишни ўлдиришдан эҳтиёт бўлишга тўғри келади. Пойтахт атрофидаги тўгараклардан айримларини ўрганганимизда тўгарак раҳбарларидан 55-60 фоизигина ўргатаётган мутахассислиги бўйича олий маълумотли экани аниқланди. Буларнинг ҳам ярмидан кўпи педагогика фанидан бебаҳра. (Бундан ажабланмасак ҳам бўлади. Чунки педагогика йўналишидаги ўқув даргоҳларида ҳам бу фан етарли даражада ўтилмайди. Умумий ўтиладиган дарсларнинг беш-олти фоизини ташкил этади.) Тўгарак раҳбарлари орасида ўрта маълумотлилар ҳам анчагина. Энг ачинарлиси, бу тўгарак раҳбарларининг ярмидан сал кўпроғигина ўз соҳасида муқим ишлайди. Бир йил, ҳатто ярим йил ишлаб кетувчилар ҳам бор. Ана энди болаларнинг қизиқишини ошириб, у ёки бу ҳунарга жалб этиш қандай аҳволда эканини тасаввур этаверинг.

Бу соҳадаги жиддий камчиликлардан бири - мактаб билан тўгараклар орасида алоқа, боғлиқлик йўқ. Тўгарак раҳбари мактабга келмайди, ўқитувчи эса тўгарак билан қизиқмайди. Тўғри, талаб қилинган маълумотномаларни тўлдириш учун синф раҳбари ўқувчиларнинг қандай тўгаракларга қатнашиши билан қизиқади. «Синфимдаги шунча бола шунча тўгаракка қатнашади», деб ҳисобот беради. Сентябр ойидаги ҳисобот май ойига қадар собит туради, ўзгармайди. Ундан ташқари айрим шўхроқ болаларни тарбия этиш мақсадида уни тўгараклар билан банд этишга интилишади. Бир мактабдаги ҳисобот билан қизиқиб, айрим болаларнинг беш, ҳатто етти тўгаракка аъзо эканидан ажабландик. «Наҳот, бу болалар шунча тўгаракка қизиқсалар?»- деб сўраганимизда «Қизиқишга қизиқмайди, мажбур қиламиз. Буларга бўш вақт қолдирмаслик керак, бўш вақти кўп бўлса бузилиб кетади»,- деган жавобни эшитдик. Болаларнинг ўзлари билан суҳбатлашганимизда уларнинг мазкур тўгаракларга мутлақо қизиқмаслиги, энг муҳими ва энг ачинарлиси - қатнашмаслиги маълум бўлди. Улар синф раҳбарининг зўри билан тўгаракка ёзилиб қўйишгану машмашадан қутилишган.

Ота-она ҳам, мактаб ҳам, хуллас, ўсмирнинг атрофидаги барча ундан яхши ўқишни, меҳнаткаш бўлишни талаб қилади-ю, унинг тўғри дам олиши билан ҳамма ҳам қизиқавермайди. Қизиққанлар ҳам бир ҳилдаги режа бўйича иш олиб боришади. Ҳолбуки, Тошкентдаги ўсмир билан Ғиждувондаги ўсмирнинг қизиқиши, шароити, имконияти бутунлай бошқа-бошқа-ку? Ундан ташқари боланинг ёши улғайгани сайин у ҳам жисмонан, ҳам маънан шаклланиб боради. Унинг бўш вақтига мос дам олишни ташкил этиш эса қийинлашади. Ўн тўрт ёшгача бўлган болаларнинг 43,4 фоизини бўш вақтдан унумли фойдаланишга жалб этиш мумкин экан. 56,6 фоизи эса бўш вақтидан ўзича фойдаланишни истайди. Ёш улғайган сайин бу рақамлар ҳам ёмон томонга ўсиб боради. Яъни, 14-15 ёшли болаларнинг 38,8 фоизи, 16-17 ёшлиларнинг 35,2 фоизини фойдали дам олишга жалб этиш мумкин бўларкан. Қизлар орасида эса аҳвол бунданда ёмонроқ. Ўн тўрт ёшгача бўлган қизларнинг 41, 14-15 ёшлиларнинг 21, 16-17 ёшли қизларнинг 14 фоизигина катталар таклиф этган тадбирни қабул қилади. Биз мана шу ўсиш, шаклланиш жараёнини ҳисобга оламизми? Сўровларимиздан аён бўлди-ки, мактаб ўқувчиларининг 35,5, коллеж талабаларининг 42, ишловчи ўсмирларнинг ва ишламайдиган, ўқимайдиганларнинг 67 фоизи бўш вақтни самарали ўтказиш бўйича катталар томонидан таклиф этилган тадбирларда иштирок этишни истамайдилар. Баъзи ўсмирлар учун эса бундай тадбирларда иштирок этиш ҳам этмаслик ҳам фарқсиз. Баъзилари ота-онаси ёки ўқитувчининг зўри билан иштирок этиши мумкин. Мисолга мурожаат этайлик: сир эмаски, театрларимизга болалар зўрлаб олиб борилади. Ўрта ёшдаги болаларга чипта тарқатиш унча машаққат туғдирмайди. Ўсмирлар эса бўйин товлашга уринишади ва синф раҳбарининг танбеҳларидан безиб пул тўлашади-ю, театр тамошасига эса боришмайди. Борганлари ҳам тўполон қилиб атрофдагиларни бездиришади. Мактабда дарс пайтида қилолмаган қилиқларини ўша ерда қилишади. Ўзига ишонган ўсмирлар эса пул тўлаш чоғида «Сазангиз ўлмасин, деб тўлаяпман, тамошангизга бормайман»,- деб синф раҳбарини огоҳлантириб қўйишади. Ўқитувчига шуниси ҳам тузук. Кўчага қанча кам бола билан чиқса шунча бехавотир. Театрга ҳам шуниси тузук: қанча кам бола келса шунча тинчлик бўлади. Энг муҳими - чипталар тўла сотилган.

Қайси мактабда ёки маҳаллада ёки уйда зерикиш касали мавжуд бўлса, ўша ерда ўғричаларнинг, ёлғончиларнинг, зулм сари оғаётган шумликларнинг туғилишини кутмоқ керак.

Мактабдаги тадбирларга ўғил болаларни тортиш қийин. Ҳар турли тадбирлар асосан қизларнинг иштирокида ўтади. Жалб қилинган ўғил болалар ёдлаб бериши шарт бўлган шеърни ҳам чайналиб-чайналиб зўрға айтади. Йиғилганлар ҳузурида ҳижолат бўлаверади. Мажбурлаш орқали ёдлагани, мажбурлаш орқали саҳнага чиққанини сезиш қийин эмас. Тошкентнинг Юнусобод мавзеидаги бир мактабда шунинг аксини кўрдик. Адабиёт муаллимаси ўзининг шахсий ташаббуси билан драмма тўгараги ташкил этган. Мактаб ўқувчилари ўзларига ёққан асарни сахналаштира бошлашган. Муаллима театрда ишлайдиган артист дугонасини ҳам бу ишга жалб қилган. Тўгаракдаги иш учун у ҳам, муаллима ҳам бир тийин ҳақ олмайди. Эътиборли жойи шуки, сахналаштирилган асарда ўттиздан ортиқ ўғил бола иштирок этган. Янада эътиборлиси, биз «бўйсунмас» деб таърифлаган тоифадагилар ҳам жалб этилган. Бўйсунмасликда донг чиқарган ўсмирга бош рол ижроси берилганда барча ажабланибди. Аввалига ўсмирнинг ўзи ҳам ўзига билдирилган ишончдан гумонсираган. Кейин ижодий муҳитга қўшилиб кетган. Бир куни репетитсия пайтида мактабда чироқ ўчиб қолибди. Шунда машғулотни кўчиришни исташмай, тўгарак раҳбарининг эри бошқарадиган автобусда давом эттиришибди. Оқибатда болалар саҳналаштирилган асар фақат мактабда эмас, Аброр Ҳидоятов номидаги театр саҳнасида ҳам кўпчиликка намойиш этилди. Халқ таълими вазири, шаҳар халқ таълими бошқармаси бошлиғининг ҳам бу тамошага келишлари болаларни янада руҳлантирди. Бизда ана шундай фидойилар ҳам бор. Фақат уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватловчи ҳамкасблар ва раҳбар жаноблар камроқ.

Фикримиз исботи учун бир воқеани баён қилай: Мен болалигимда улуғ шоир Қуддус Муҳаммадий бошқарган адабиёт тўгарагига қатнашганман. Бу тўгарак менинг йўл танлашимда муҳим аҳамият касб этган ва у кунларни миннатдорлик билан эслайман. Устоз бизга кўп нарсани ўргатиб, қарз қилиб қўйганлар, қарзни узиш керак, деган фикрда жамоатчилик асосида, яъни маош олмасдан адабиёт тўгараги очиш орзуси туғилди. Эски Жўвада Охунбобоев номидаги маданият уйи бўларди.

Шу жойга мурожаат этдим. Директор жаноблари «Мендаги тўгаракларнинг ҳаммасига пул тўлаб қатнашишади. Ҳар бир хонага пул тўлаш керак»,- дедилар. Директорни айблаш ҳам инсофдан бўлмас. Фақат угина эмас, бошқа маданият уйлари-ю, саройлари ҳам иқтисоднинг янги бозор усулига ўта бошлашган эди. Маданият уйлари майда-чуйда фирмаларнинг идораларига, биллиардхоналарга, дискотекаларга... айланган дамда адабиёт тўгараги учун бепул хона бериш у кишига ғалати туюлди. Маънавият ва иқтисодга доир гапларимиздан сўнг битта бўш хона берадиган бўлдилар ва дедиларки: «ўтиришга стулни ўзингиз топасиз». Наилож! Бир сабаб билан Собир Раҳимов туман ҳокимига учрашганимда воқеани айтиб, ўн бешта стул топишда кўмак сўрадим. Ваъда берилди. Оқибат шуки, стул ҳам йўқ, хона ҳам йўқ. Тўгарак очилмади. Уч йилдан кейин бу бино умуман бузиб ташланди. Орзуни амалга ошириш учун маорифчиларга мурожаат қилдим. Дуруст, улар стул сўрашмади. Тўгарак очилди. Аммо алоҳида хона ажратилмади. Бир сафар тикувчиларнинг хонасида, бир сафар дурадгорларнинг хонасида адабиёт тўгараги ўтади. Бундан хафалигимиз ҳам, ажабланишимиз ҳам йўқ, чунки биз эллигинчи йилларда тўгаракка қатнаганимизда ҳам аҳвол шу эди.

Энди фикримизга қайтсак, болалар билан иш олиб боришга мутлақо яроқсиз одамлар ҳам учрайди. Ҳадеб бошқа соҳаларни танқид қилавермай, мисолни ўзимиздан олсак, бир адабиёт тўгарагининг раҳбари, шоир биродаримиз машғулотдан кейин ўсмир йигитлар билан пивохўрликка бораркан. Бу одам билан бирга юрган болалардан шоир чиқадими ё йўқми, билмайман. Аммо майхўр чиқиши ҳақиқатга яқинроқ. Бунга ўхшаган мисолларни спорт соҳасидан кўпроқ келтиришимиз мумкин. Болалар қамоқхонасида ўтирган беш ўсмир тренери билан улфатчиликдан кейин йўлтўсарлик қилиб қўлга тушишган. Қонунга биноан тренер ҳам жазоланган. Лекин вақт ўтгандан кейин бериладагин жазодан наф борми?

Давлат болаларнинг бўш вақтини тўғри йўналишга буриш муҳимлигини инобатга олиб аллақанча маблағ ажратади. Бироқ, бу соҳадаги ишларнинг самараси билан қизиқиш етарли эмас. Тўғри, вақти-вақти билан ҳисоботлар тўпланади. Қоғоздаги ҳисоботларда ишлар беш, аммо амалдаги натижа қониқарли эмас.

Ҳар қандай жамиятда яхши (яъни ибратли) ёки ёмон (яъни иллатлар ботқоғига ботиб ётган) оилалар мавжуд бўлади. Шундай экан, тарбияга фақат оила масъул, оилага тўла ишониш мумкин, деган фикрга қўшилишимиз қийин. Айрим мутахассислар бу борада мактабни асосий ўринга қўйиб, мактаб оилани бошқариши шарт, мактаб жамият томонидан белгиланган тарбияни амалга оширувчи воситадир, деб белгилашади. Бу амалга ошса қани эди. Аммо ароқхўрнинг оиласини мактаб томонидан бошқариш у ёқда турсин, унга таъсир этишини тасаввур қилиш қийин. Шунинг учун ҳам бу фикрни орзуга йўғрилган назария, десак, янглишмасмиз.

Ҳали бевошлик кўчасига ўтмаганларни тўғри йўлга йўллаш бир масала бўлса, бу кўчага ўргана бошлаганларни қайтариш ўн карра оғирроқ масаладир. Чунки, бузилмаган болаларни ўша тўгаракларда кўриш мумкин. Бироқ, издан чиққанларни бу жойларда учратмайсиз. Уларни фақат вояга етмаганлар билан шуғулланувчи назоратчи рўйхатидагина кўрамиз. Бирон ерда ўқимайдиган, бирон ҳунар олишга интилмайдиган, бирон тўгаракка қатнашмайдиган ўсмирларни бўш вақтдан тўғри фойдаланишга жалб этиш билан қизиққанимизда биз суриштирган жойлардаги аҳвол 2-3 фоизни ташкил этди. Ўрганилган жойларда милитсия назоратчиси рўйхатида турувчи ўсмирларнинг 36 фоизигина турли тўгаракларга қатнайди. 10,3 фоизи бир оз шуғулланиб, сўнг совуб, ташлаб кетган. 19 фоиз ўсмирда шуғулланишга умуман қизиқиш йўқ, таклиф этилган тўгаракларнинг биронтасига бормайди. 17,3 фоиз ўсмир эса тўгарак дейилса нариги маҳалладан айланиб ўтадиган бўлган.

Албатта бу рақамлар маълум жойга хос, барча ерлар учун умумий, дея олмаймиз. Аммо рақамлардаги озгина фарқ дейилмаса, ҳамма ерда хўроз бир ҳилда қичқиряпти. Нега шундай? Бу ўриндаги муаммоларга диққатингизни жалб қиламиз : 1. Ўсмирга «шахмат-шашка тўгарагига кел»,- деб таклиф қилсангиз сизни мазах қилиб кулади. Ўсмирларни ўзига жалб қила оладиган муассасаларимиз эса оз. 2.Қамалиб чиққан ўсмир шу тўгаракка келса ҳам қабул қилмасликка уринамиз. Чунки у, бошқаларни ҳам бузиб юборади, деб ҳисоблаймиз. «Эҳтиёт - шарт!» - бизнинг шиоримиз шундай, тўғри эмасми? 3.Ўсмирларни қизиқтириши мумкин бўлган тўгараклар оз экани бир масала, уларнинг асосан шаҳар марказида экани иккинчи масала. Айримларининг пуллик экани янада муҳимроқ масала.

Агар Тошкентнинг Бешқайрағочида яшайдиган ўспирин чавандозликни ҳавас қилса, у шаҳарнинг нариги бурчига боришига тўғри келади. Қишлоқлардаги аҳволни айтмасак ҳам бўлар. Тоғдаги бир қишлоқда яшайдиган бола скрипкачи бўлишни хоҳласа, эҳтимол орзу орзулигича қолиб кетар. Пуллик тўгараклар янада мураккабликлар туғдиради. Ўспирин ҳали пул ишлаб топмайди, демак, ота-онасига юк. Агар у теннис билан шуғулланишни истаса-ю, отаси хоҳламаса, демак, пул йўқ. Агар ота истаса-ю, бола хоҳламаса, пул бекорга совурилди ҳисоб.

Баъзан мана бундай ҳолат ҳам юз бериши мумкин: бола авиамоделчилар тўгарагига қатнайди. Оиласи шаҳарнинг бошқа даҳасига кўчгач, қатнаш имкони бўлмайди. (Имкон дейилганда фақат моддий масала тушунилмаслиги керак.) Янги уйларига яқин ерда бундай тўгарак йўқ. Ота-она уни мавжуд тўгараклардан бирига, айтайлик, мусиқага даъват этишади. Бола истамайди. Ота-она унинг ўжарлигидан ранжийди. Ҳатто уришишади. Боланинг руҳий ҳолатини эса ҳисобга олишмайди. Аввал айтганимиздай, айрим болалар қизиқишларини тез-тез ўзгартираверишлари мумкин, айримлари эса битта танлаганларида собит турадилар.

Бундайларга шароит яратиб берилмаса ҳамма нарсадан совийди, қизиқишлари сўниб «кўча боласи»га айланиб қолади. Ўрни келганда узоқдаги тўгаракларга қатновчи салоҳиятли болалар учун шароит яратиб бериш масаласига диққатингизни тортмоқчимиз. Ҳатто моддий жиҳатдан камчилиги йўқ оилалар ҳам болаларига йўлкира беришни истамай, узоқдаги тўгаракка бормай қўя қолишини хоҳлашади. Кам таъминланган оилалар эса маълум. Шундай экан, тўгаракларга қатнайдиган болалар йўлкира тўлашдан озод қилинсалар бўлмасмикин? Маънавият масалалари кўрилаётган мажлисда шу таклиф билан Тошкент шаҳар ҳокимига мурожаат қилдик. Шу болалар йўлкира тўлагани билан бойиб, тўламасалар камбағал бўлиб қолинмайди, дедик. Таклиф маъқул келгандай бўлди-ю, аммо амалга ошмади, ҳатто ўрганиб чиқилмади. Маънавиятга катта эътибор берилаётгани яхши. Лекин болалар ва ўсмирларнинг бўш вақтига таалуқли муаммолар ҳам маънавият доирасига киришини унутмасак дурустмиди?

Болаларнинг бўш вақтидан унумли фойдаланиш ҳақида гап кетганда энг аввало уларни жисмоний тарбия - спортга тортиш фикри илгари сурилади. Биз бу фикрни инкор этмаймиз. Руҳий саломатлик жисмоний саломатликни ҳам талаб этади. Спорт билан шуғулланувчи ўсмирлар билан ўтказган суҳбатларимизда уларнинг 80 фоизи спорт ҳаётлари учун муҳим эканини айтишди. 20 фоиз ўсмир эса ҳаётдаги қийинчиликларни енгиб ўтишда спорт катта ёрдам берганини таъкидлашди. Ҳатто «бўйсунмас»ларнинг 80 фоизи ҳам шунга яқин фикр билдиришди. Тўғри, жисмоний тарбия боладаги мавжуд ирода кучига қувват беради. Абдулла Авлоний ҳазратлари бадан тарбиясига эътиборларини қаратиб, шундай фикр билдирган эканлар: «Бадан тарбиясининг фикр тарбиясига ҳам ёрдами бордир.

Жисм ила руҳ иккиси бир чопоннинг ўнг ила терси кабидир. Агар жисм тозалик ила зийнатланмаса, ёмон хулқлардан сақланмаса, чопонни устини қўйиб астарини ювуб овора бўлмоқ кабидурки, ҳар вақт устидаги кири ичига урадур. Фикр тарбияси учун маҳкам ва соғлом бир вужуд керакдур... Имом Шофеъи ҳазратлари: «Илм икки ҳилдур: бири - бадан илми, иккинчиси дин илми», - демишлар. Бунга қараганда энг аввал ҳифзи сиҳат қоидаларини билмак, саломатликка терс бўлган нарсалардан сақланмак ила бўладур...» Спортнинг ҳар бир киши учун кони фойда экани ҳақида кўп гапирмасак ҳам бўлар. Аммо айни шу соҳада тарбияга оид жиддий муаммоларга дуч келамиз. Айнан шу соҳада боланинг маънавий камолотига эътибор кам.

Бола маълум бир спорт турига қизиқиб, ёки акасими, дўстигами эргашиб тўгаракка борса, тренер энг аввало унинг қобилиятини текшириб кўради. Ҳар бир тренерга фақат қобилиятли бола керак. Унга шунчаки тўп тепиб, бўш вақтини ўтказадигани керак эмас. Агар лаёқат сезилмаса, тренер ундан осонгина қутулиб қўя қолади. Унга натижа керак. Болада бугун бўлмаса эртага қобилият юз очиши мумкин, деган гап унга ёқмайди. Айнан спорт тренерларида тарбиячига зарур бўлмиш билим етарли эмас. Айнан шу спортда бола ғирромга дуч келади. Болалар спортида айниқса ғирром кўп учрайди. Маълумки, мусобақалар ёшга қараб босқичма босқич ўтказилади. 12-13 ёшлилар бошқа, 14-15 ёшлиларники бошқа. Шунга яраша талаб ҳам, шароит ҳам ўзга-ўзга бўлади. Тренерлар мусобақада ғолиб келиш учун 12-13 ёшлилар мусобақасига 14-15 ёшли ўсмирни бошқа исм-насабда қўядилар. Яъни, 15 ёшли Болтаев 12 ёшдаги Тешаевнинг ҳужжати билан мусобақада қатнашади. Кўпинча шундай ўйинчилар ғолиб келишади ва ёрлиқлар ҳам бировнинг номига берилади. Бировнинг номидан ғирром равишда мусобақада қатнашаётган боладан яхши тарбия кутиш мумкинми? У ҳаётида ғирром йўлини танлаб олмайдими?

Спорт билан доимий шуғулланиб, оқибатда профессионалга айланганлар вақти келиб майдондан четга чиқишганда қийнала бошлашади. Энг биринчи галда улар шуҳрат шоҳсупасидан тушиб, эътиборсиз қолганларида руҳан қийналадилар. Кейин аввалги даромадлари ҳам бўлмай моддий жиҳатдан машаққат чека бошлайдилар. Натижада улар тирикчиликнинг осон йўлини қидирадилар. Маълумки, жиноятчи тўдаларга чиниққан йигитлар керак. Спортдаги фаолиятини тўхтатганлар айнан шу тўдаларда паноҳ топганларига мисоллар бор. Биз ҳамма спортчиларнинг йўли шу, деган таъкиддан узоқмиз. Лекин биттагина мисол ҳам бизни сергаклантириши зарур бўлгани сабабли бу ҳақиқатдан четлаб ўта олмадик.

Бизда спорт ишларига тобора кўп эътибор бериляпти. Спортчиларимиз жаҳонда ўзларини кўрсатишяпти. Оммавий спорт эса бу соҳада озгина орқада. Ҳар маҳаллада спорт майдони бўлиши керак, деган талаб бор. Талаб яхши. Аммо маҳаллада бўш жой йўқ-ку? Кўп қаватли уйлар шу даражада зич қурилган-ки, озгина бўш жой ҳам гаражлар билан банд. Ҳокимиятларга келган маълумотларга қараганда бу талаб ҳамма ерда қойилмақом қилиб бажарилган. Бу маълумотларни кўриб ажабланасиз: спорт майдончаси томлар устидамикин? (Мазкур рисола оққа кўчирилаётган пайтда хукумат томонидан болалар спорти ривожи учун жиддий тадбирлар белгиланганидан хабар топдик. Бу тадбирларнинг амалга ошуви Ўзбекистонни жаҳон спорти оламида юқори мавқеларга эришувини таъминлаши шубҳасиздир.)

Спорт тўгаракларидаги рўйхатларда милитсия назоратида турадиганларни кам учратасиз. Қамоқдан чиқиб келган ўсмирни ҳеч бир тренер қабул қилмайди. Биронта шогирди жиноят билан қўлга тушса, «мен айбдор эмасман»,- деб ўзини оқлайди. Мактаб эса «бу бола спортга қатнашиб, бузилиб кетди»,- деб ҳукм чиқариб қўя қолади.

Биз суҳбатлашган муаллимларнинг кўпи спорт билан шуғулланиш боланинг тарбиясига салбий таъсир кўрсатишини айтишди. Айни чоқда ўқувчилари қатновчи спорт тўгараги билан қизиқмасликларини ҳам тан олишди. Муаллимларнинг гапларида озгина ҳақиқат бор: спорт билан шуғулланувчи ўқувчи мактабда ўзини бошқача тута бошлайди. Ўқишга қизиқиши сусаяди. Илм олиш зарурати ҳақидаги гапларни эшитгиси ҳам келмайди. Чунки яхши спортчи бўлгани учун илми бўлмаса ҳам олий ўқув юртига осонгина кира олишини билади. Олий ўқув юртида ўқимай туриб диплом олиши мумкинлигини ҳам билади. Шундай экан, муаллимларининг гапи қулоғига кирармиди? Бундай бола айниқса мусобақаларда ғалаба қозона бошлагач, такаббурликни касб қилади. Синфда, ҳатто мактабда «зўр»ликни - «лидер»ликни талаб қила бошлайди. Уни камтарлик кўчасига қайтариш мактаб учун ғоят машаққат бўлиб қолади.

Мазкур рисолани ёзишга тайёргарлик жараёнида собиқ иттифоқ даврида бу соҳада олиб борилган ишларни эслашга, бу ҳақда ёзилган китобларни варақлашга тўғри келди. «Коммунизм қурувчисининг ахлоқ кодекси». «Коллективизм», «Сотсиалистик меҳнат...», пионер ва комсомол ташкилотлари... Шиорлар ҳам кўп эди, болалар билан шуғулланадиган ташкилотлар ҳам анчагина эди. Аммо самара йўқ эди. Аввал зикр этганимиздек, кўп ишлар қоғозда бажариларди. Энди замон ўзгарди, жамият ўзгарди. Мафкура ўзгарди. Ҳаммаси яхши. Аммо биз ўрганаётган масалада ҳали бош қотирадиган ўринлар кўп. Эскисини рад этиб, янгисини тавсия этолмаяпмиз. Тошкент маҳалларида бўлган суҳбатларимиз чоғидаги сўровларимиздан маълум бўлдики, мактаб муаллимларининг 65-70 фоизи, оналарнинг 80 фоизи, оталарнинг 60 фоизи болалар бўш вақтларини шаҳарнинг қаерида, қай муассассида фойдали равишда ўтказишлари мумкинлигини билишмас экан.

Тарбияга масъул одамлар ўйлаб ўйларига етгунларича ҳар томондан турли мафкура оқимлари ёпирилиб келяпти. Катталар тайин бир гап айтолмагач, ўсмирлар ўзларича яшашга интиляптилар. Ҳозир уларнинг диққатини жалб этадиган муассасалар кўпайяпти. Шулардан бири видеобарлар бўлса, яна бири дискотекалар. Видеолар ҳақида фикр билдирдик. Дискотека деган бало ҳақида ҳам икки оғиз айтмасак бўлмас. Чунки ўсмирлар бўш вақтларини шу бало билан тўлдиришга ишқибозлар. Мен «Дискотека» деб номланган бир асар ёзиш мақсадида бу жойларни ўрганишга ҳаракат қилдим. Бир қараганда беозор жой. Ёшлар келишади, ўйин-кулгу қилишади, вассалом. Лекин сиртдан қаралгандагина бу жой беозор кўринади. Аслида эса бузуқлик ва жиноятнинг остонаси ҳисобланади. Бу ерни ўзига ҳос бузуқлик бозори десак ҳам бўлар. Дастлаб ўсмир ва ёшларнинг қилиғини кўриб ажабландим. Асабий мусиқа қулоқни кар қиладиган даражада жаранглайди. Йигитчалар қизчаларнинг ҳаракатини рақс дейиш ҳам қийин. Аллақандай телбаликнинг намойишидай кўринади. «Рок музика», «Поп музика» дейилмиш санъат турлари (агар уларни санъат деб аташ мукин бўлса) ёшлар онгига гиёҳванд каби таъсир ўтказади. Айримлар ўзларини билмай қоладиган даражада талвасага тушадилар. Олимларнинг тажрибасига ўзим гувоҳ бўлганман. Кичик товуқхонада осойишта мумтоз куйлар қўйилганда товуқларнинг юришларида ҳам ҳотиржамлик бор эди. Кейин ўша жазавали «рок музика»дан қўйилди. Аввалига товуқнинг кўзлари бесаранжом бўлди. Кейин титрай бошлади. Охири тутқаноқ тутгандай йиқилиб оёқлари акашакдай тортишди. Агар ўша дамда куй тўхтатилмаганда унинг ўлиб қолиши ҳам мумкин эди.

Ана шундай ерда ёшларимиз бўш вақтларини ўтказяптилар, биз эса бунга мутлақо аҳамият бермаймиз. Гиёҳвандлик кўпайяпти, деймизу, айнан шу ерда ўрганишлари мумкинлигини ҳисобга олмаймиз. Бузуқлик кўпайяпти, деймизу, айнан шу ер бузуқлик манбаи эканини тан олгимиз келмайди. Бизда расман тунги дискотекалар йўқ. Аслида эса кўп дискотекалар туни билан ишлайди. Бу ҳолатни назорат қилиши лозим бўлган милитсия ходимлари шу дискотекалар ёнидан ўтишаётганда кўзларини юмиб оладилар. Нима учун бундай қилишлари ёлғиз ўзларигаю Худога маълум.

Дискотекалар билан танишгач, шаҳар халқ таълими бошқармаси бошлиғига ундаги аҳволни баён қилиб, «у ердагиларнинг кўпи мактаб ўқувчилари, чора кўрилмаса бўлмайди»,- дедим. Бу фикрим у кишига маъқул бўлди. «Эртага шу масалада катта мажлис бор, гапларингизни етказаман»,- дедилар. Эҳтимол гапимни етказгандирлар, буниси менга қоронғу. Лекин гапни эшитган мажлис аҳли ҳам милитсионерлар каби кўзларини юмиб олгандирлар. Умид шуки, бу масъул жаноблар қачондир кўзларини очарлар, аммо унда кеч бўлиб афсуслар дарёсида сузиб қолмасмикинмиз?

«Мен» - ўзликни англаш

  • «Менинг ўрним қани?»

  • Энг осон чора - ўлим

  • Тақдир манглайи ўзгаради

  • Сизнинг замонангиз эмас

Биринчи воқеа:

Онанинг фарёди кўкларни тутди - ўғли ўзини ўзи осибди. Имом келиб, «бундайларга жаноза ўқилмайди»,- деб кетди. Онанинг бир алами минг бўлди. Ўғлига ҳамманинг ҳаваси келарди. Овози раста бўлиб, бўйлари ўсиб, кўзга ташланиб қолган эди. Нима бўлди? Кўз тегдими?

Аёллар йиғи-сиғи орасида гўшанга ясадилар. Бу дунёдан гўшангасиз кетмасин...

Гўшангага кирди... Ҳис-ҳаяжон билан эмас, совуқ жасадда... тобутда...

Совуқ юзларига гуллар сочилди...

Ичкарида ирим-сиримлар... Ташқарида эса гумонлар: бола ўзини нега осди? Биров «Гиёҳванддир, доридан кўпроқ олволгандир»,- дейди, иккинчиси унга эътироз билдиради: «Доридан кўп олса тил тортмай ўлади, ўзини осолмайди. Дори тополмай қийналгандир...» «Бирор қизни зўрлаб қўйиб, қўрққанидан осгандир...»

Иккинчи воқеа:

Онанинг фарёди кўкларни тутди - қизи ўзини ёқибди. Бўйи етиб, дуркунгина бўлувди-я! Совчилар ўғринча қараб-қараб қўйишарди-я! Мактабни битиргач бирор хонадонга келин салом билан кириб борарди-я! Бир йигитни бахтлигина қиларди-я! Гўшангага кирмай кетди... Келин салом қилмай кетди...

Совуқ қабр уни бағрига олди. Унга жаноза ўқилмади. Ундан сўнгги хотира - бир парча қоғоз ва ундаги сўнгги ўтинч: «Онажон, мени кечиринг...»

У совуқ қабрда ётибди, атрофда эса у ҳақдаги совуқ миш-мишлар...

Маъсума ҳақида қандай миш-миш бўларди, баён этмайлик..

Бу икки фожиани келтириб чиқарган сабабни ҳозирча четлаб ўтайлик. Оз бўлса-да учраб турадиган шунга ўхшаш воқеани эҳтимол сиз ҳам эшитгандирсиз. Сиз ҳам турли гумонларга боргандирсиз. Баён этганимиз икки воқеа ҳақида ҳам бир оз ўйланг, сабабини топишга уриниб кўринг. Бу масалага биз сал кейинроқ алоҳида тўхтаймиз.

Биз «Менинг фикримча», «Менинг назаримда», «Мен ўйлайманки», деган ибораларни кўп ишлатамиз. «Мен» - шахс демак. Дунёни кўрувчи, дунёни идрок этувчи, фикр билдирувчи бир шахс иккинчисига сира ўхшамаслиги сир эмас. Бир ота бир онанинг фарзандлари қош-кўзлари ўхшаса-да, шахс сифатида фарқланадилар. Киши онгини бошқарувчи «Мен» нима, унинг жиноят оламига қандай дахли бор?

Кишиликдаги «Мен» масаласи кўп асрлардан буён файласуфларнинг, руҳшуносларнинг, табиатшуносларнинг тадқиқот манбаи бўлиб келган. Жаҳон фани ҳалигача Конфутсий, Декарт, Кант, Фрейд, Хейгел, Нитсше, Уотсон каби файласуфларнинг фикрлари атрофида баҳслашади. Файласуфлар назаридаги «мен» - оддийроқ айтилса, кишининг ўзини ўзи таниши, шахс сифатида шаклланиб, жамиятдаги ўз ўрнини топишидир. Шу жиҳатдан қараганда русча «Я»нинг таржимаси ўлароқ қабул қилганимиз «Мен» атамаси ўрнига «Ўзлик» деб ишлатганимиз ҳам маъқулроқ.

Франтсиялик файласуф Рене Декарт «Фикрлаяпман, демак, мавжудман»,- деган ғояни илгари сурган экан. Шунга кўра, ўзини, ўзликни англаш қачон бошланади, деган савол ҳам ўртага қўйилиши мумкин. Рўё ва ҳақиқатни фарқлаб олиш учун киши фикрлайди. Бу фикрлаш ўн яшар болага хос эмас. Эҳтимол 20-25 ёшда бу масала хусусида фикрлай бошлар. Унда ўз-ўзини танимоқликни шу ёшда белгилаймизми? Агар шундай қилсак, олти ёшли боланинг фикрлашини нима деб атаймиз? Масалан ўша бола дарахтни кўради, гуллашини, мева тугишини кузатади. Мева бор пайтда олиб беришни талаб қилади. Мевалар тугагач, талабни ҳам бас қилади. Келгуси йили дарахт гуллагач, оқибат мева бўлишини билиб, кутади. Агар шу ёшдаги бола катталарнинг кўчат ўтқазишини кўрса, у ҳам чўпларни ерга суқишга интилади. Ўз хаёлида кўчат эккандай бўлиб, қувонади. Бу иши учун катталардан олқиш кутади. Демак, у ҳам фикрлаяптими? Онги борлиқдаги ўзгаришларни қабул қиляптими? Таҳлил этяптими? Демак, у ўз-ўзини танишни бошлаган, борлиқда ўз ўрни борлигини биляпти, шунга яраша ўзига эътибор талаб қиляпти. Айрим олимлар буни онгсиз равишда англаш, деб ҳисоблаб, «фикрлаш» тушунчасига қўшмайдилар. Биз бу қарашни маъқуллай олмаймиз. Гўдак туғилиб, кўзи очилди - борлиқни кўрди. Мия ҳужайралари шакллана бошладими, демак, ўзига хос равишда фикрлай бошлади. Олти яшар бола билан ўн олти ёшли боланинг «Мен кимман?» деган саволга жавобан ўзини ўзи танишдаги ҳолати, талаб, интилиши бир ҳил эмас, албатта. «Мен» масаласида бош қотирувчи файласуфлар учун бу фарқ унча муҳим эмасдир. Аммо тарбия учун масъул одам бу фарқни эътиборга олишга мажбур.

Айрим олимлар гўдакнинг дастлабки ойлардаги ҳаракатларини фикрлашдан ҳоли деб биладилар ва бу даъволарини исботлаш учун «Одам бир-икки ёшгача кўрганлари, эшитганларини эсламайди, унутади», дейдилар. Уларнинг айтишларича, унутишларига сабаб - тиллари чиқмагани, гапира олмасликлари экан. Агар бу фикрни тўғри деб қабул қилсак, фикрлаш гапириш билан боғлиқ бўлса, соқовлар умуман фикрламайдиларми? Ўша олимларнинг таъкидига кўра, боланинг ўзликни англашдаги биринчи ҳаракати «Мен» деган сўзни айтишидан бошланаркан.

Бу фикрга кўра сиз: «Бу қант кимники?»- деб сўрасангиз, бола «Меники (ёки «ўзимники»)»,- дейди. «Бу кимнинг аяси?» десангиз - «Меники!» дейди. Ёки боланинг қўлидан ушлаб етакласангиз «ўзим юраман», дейди, бирор ишни ҳам (еплолмаса-да) «ўзим қиламан», дейди. Эътибор беринг, бу шунчаки ҳархаша эмас, бола ўзининг ҳаққини талаб қиляпти. Жамоада ўзининг ўрни борлигини фаҳмлаяпти. У ўз ўрнини, ҳаққини турли йўллар ва усуллар билан талаб қилади, кўп ҳолларда талабининг бажарилишига эришади. Баъзан эркаланади, баъзан йиғлайди, баъзан катталарни ёмонлайди ёки чақимчилик қилади. Бу жараён, яъни боланинг ширин сўзлари, қилиқлари бизни фақат қувонтиради. Шахснинг етуклик сари қадам ташлаётганини эса сезмаймиз ёки эътиборсиз қолдирамиз. «Талаб қилинаётган нарсага ёлғон айтиш ёки чақимчилик орқали осон эришиш мумкин», деган фикр аста-секин қувват олиб, бола феъл атворининг шаклланишида ҳукм ўтказа бошлагач, уни бу йўлдан қайтариш ҳаракатига тушамиз. Ҳар қандай нотўғри фикр бирданига туғилмайди, тасодифан юзага чиқиб, амалда кўринмайди. Боладаги фикр ерга қадалган уруққа ўхшайди. Униб-ўсиб, мева туггунча анча вақт, ҳатто йиллар ўтади. Биз фақат мевасига дуч келганда ажабланамиз. Отаси олиб келадиган ширинликка шерик бўлувчи ака беш ёшли бола учун асосий рақиб саналади. У рақибни четга суриш йўлини излайди. Бир марта қилган чақимчимлиги яхши самара берса, ака ширинликдан маҳрум этилса, у ўзининг ғалабасидан қувонади. Сўнг бу «қуролини» тез-тез ишга сола бошлайди. У олти ёшида, саккиз, ўн етти ёшида ҳам рақибларни суришда айнан шу услубдан фойдаланадиган бўлиб қолади. Каминани баландпарвозликда айбситманг, ватан хоинлари асосан чақимчилардан чиқади. Чақимчиликни ислом дини ҳам қоралайди. Ривоят қилишларича, Муҳаммад алайҳиссалом мозор ёнидан ўтаётиб, бир қабрга қараб қолибдилар. Сўнг дарахтдан бир шохча синдириб олиб, суқиб қўйибдилар. Саҳобалар бунинг маъносини сўраганларида у муҳтарам зот «Бу ерда ётган одам, ҳаёт чоғидаги чақимчиликлари учун қабр азобида қийналяпти. Мана бу барглар то қуригунларига қадар Оллоҳга тасбеҳ айтиб туради ва бу онда марҳум азоблардан холи бўлади»,- деган эканлар.

Биз боламизнинг чақимчилигини билмай туриб, уни рағбатлантириб қўямиз. Агар «нима учун чақимчилик қиляптийкин?»- деб ўйласак, чақимчилиги учун мукофот бермай, айбласак, боланинг келажаги ўзгача бўлиши шубҳасиз.

Руҳ камолоти йўлидаги зилзилалар, инсон майллари, тушунча ва тасаввурлари, эҳтиёж ва талаблари, изтироб ва қийноқлари, зиддиятлар ва мувофиқликлар, кураш ва ғалаба, йўқлик ва борлиқ, жисм ва жон... Одам боласининг ўзлик сари шаклланиши шулар каби сўқмоқлардан ўтади. Ҳар бир тушунча ҳар ёшда ўзига ҳос тарзда такрорланади. Масалан, эҳтиёж ва талабни, ёки изтироб ва қийноқни ўн ёшли болада ҳам, ўн саккиз ёшли йигитчада ҳам кузатиш мумкин. Шундай экан, ўзликни англаш табиатнинг ўзи каби доимий ҳаракатдадир.

Файласуф олимлар ўзликни англаш жараёни ҳақида сўз юритишганда кўпинча динни танқид остига оладилар. Асли яҳудий ёки насаро ёки мусулмон бўлмиш олимларда ҳам буни учратамиз. Уларнинг фикрича, дин кишининг ўзликни англашида тўсиқ экан. Улар «Тақдири азал», яъни «инсон тақдири ҳали туғилмасиданоқ белгиланган», деган ақидани юзаки тушуниб, танқид қиладилар.

Умар Ҳайём ҳазратларида шундай тўртлик бор экан:

Ё Раб, лойимни-ку, қорган ўзингсан,

Ўриш-арқоғимни ўрган ўзингсан.

Ёмонманми, яхши, мен нима қилай?

Тақдир манглайини берган ўзингсан.

Агар шундай фикрланса, боланинг жиноят кўчасига кириши ёки яхши инсон мартабасига етишмоғи - туғилмасиданоқ белгилаб қўйилган бўлиб чиқади. Яъни бола жиноятчи бўлиб туғилади, уни тарбиялашга уриниш шарт эмасми? Йўқ, асло ундай эмас. Агар одам яхши фазилат ёки ёмон иллат билан туғилса, тарбия этмоқликдан фойда бўлмаса, Оллоҳ илоҳий китобларини тушурармиди, пайғамбарларига «бандаларимни тўғри йўлга бошлашга масъулсан»,- деб вазифа юклармиди? Ахир Таврот, Инжил, Қуръон - барчалари насиҳат, одамларга тарбия-ку? Оллоҳ инсонни азиз ва мукаррам қилиб яратганини Қуръони каримда айтади. Инсонга ақл берилган. Унинг рўпарасида икки йўл туради: агар яхшиликни касб этса - саодатга етишади, зулмна танласа, Бобур мирзо ҳазратлари ёзганларидек: «Ҳар кимки жафо қилса жафо топқисудир». Боланинг ана шу йўлдан қай бирини танлаши ўзликни англашдаги муҳим нуқталардан биридир. Мақол тили билан айтсак: дарахт қушни танламайди, қуш дарахтни танлайди. Шунга кўра тақдир кишини танламайди, киши тақдирини танлайди. Одам боласи Худони таниши учун аввал ўзини таниши керак.

Бола пешонасида икки тақдир - икки ҳил йўл мавжудлигини дарров фарқлай олмайди. Буни фарқлагунича борлиқдаги ходисалар уни кўп гангитади. Ана шундай гангиб юрганида катталарнинг муносабатлари ҳал қилувчи омил бўлиб хизмат қилади.

Гарчи файласуфу бошқа олимлар бу «Мен» хусусида кўп асрлардан бери бош қотирсалар-да, биз ўз фарзандимиздаги бу жараёнга етарли эътибор бермаймиз. Сиз билан биздан масалага файласуфона ёндошиш талаб этилмайди. Биз боламизга меҳрибон, синчков ота-она сифатида яқинлашсак бас.

Бирон танишимиз ёки қариндошимизникига бир йил ўтказиб борсак, болаларини кўриб: «Қаранг-а, ўғлингиз кап-катта бўлиб қолибди», деб ҳайратланамиз. Ўз фарзандимиз ўз қанотимиз остида кун сайин эмас, соат, дақиқа сайин ўсиб улғаяётганини эса сезмаймиз. Бола ўзини англаш жараёнида биз бераётган адабдан ташқари атрофдан олаётган таассуротлари асосида ўзича фикр юритади. Болага мактабда ёки уйда шарафли ҳадисдаги «Бешикдан то қабрга қадар илм эгалла», ҳикматини ёки Хитой файласуфи Конфутсийнинг: «Уйда ёшлар ота-оналарини иззат қиладилар. Хонадондан ташқарида катталарнинг гапларига қулоқ осадилар, ҳақиқатгўй ва эҳтиёткор бўладилар. Барчага, айниқса одамийликни фан қилган инсонларга муҳаббатда бўладилар. Шу ҳаракатларидан сўнг куч-қувват топа олсалар илм олмоққа интиладилар», деган доно сўзларини сингдиришга ҳаракат қилинди, дейлик. Бола бу сўзларнинг тўғри эканини тан олади. Лекин кўчада, масалан, чойхонада доимий равишда бекор лақиллаб ўтирувчиларни кўриб, бу ҳақиқатга амал қилиш шарт эмас экан, деган фикрга келмайдими?

Баъзи ота-оналар фарзандидан ранжиб «Ҳеч гап тушунтиролмайман», деб нолишади. Чиндан ҳам болага гап уқдириш осон эмас. Хўш, ўзимизчи, фарзандларимизнинг гапларини, хоҳишларини дарров тушунамизми? Ота-она билан фарзанд ўртасида тушунишлик бобидаги келишмовчилик қачон пайдо бўлади-ю, у қандай ҳал этилади? Ҳал этиш чоғида боланинг ўзини таниш, англашга интилаётгани ҳисобга олинадими? Баъзи ўсмир отаси ёки онасига мақсадини англата олмай «Сиз тушунмаяпсиз!»- деб юборади. Ота-она буни эшитиб: «Ҳа, энди биз тушунмайдиган бўлиб қолганмиз»,- деб ранжишади. Ранжиш ўрнига боламиз айтаётган масалага унинг кўзи билан қараб, унинг онги билан фикрлаб кўрсак-чи?

Афлотун ҳаким дебдиларки: «Фарзандларингиз илм ва адабини ўзингизнинг илм ва адабингиз билан чекламанг, уларни келгуси замон учун тайёрланг, чунки улар сизнинг замонангиз эмас, келгуси замон одамлари бўладилар.» Бу доно фикрнинг исботи учун бир мисолга мурожаат этайлик: ёшларнинг кийинишлари ҳар йили бир ҳил бўлавермайди. Катталарнинг бу масаладаги қарашлари ҳам бир ҳил эмас. Дейлик, ўсмир қиз тор шим кийишни ёқтиради. Бу - унинг замонавий кийиниш маданиятига бўлган муносабати, маданиятни ўзича англаши. Бу кийинишда у заррача ёмонлик кўрмайди. 40-45 ёшли ота-онаси ҳам унга эътироз билдирмай «Ҳа, энди ёшларнинг расми шу-да», деб қўя қолар. Аммо қизчанинг шим кийишига бувиси ва буваси мутлақо қарши бўлади. Бунда улар беҳаёликни кўрадилар. Ўзни энди-энди англай бошлаётган қизча учун бу зиддият ҳам таъсир этиши мумкин.

Ўрни келганда таъкид жоизки, бола тарбиясида буви билан бобонинг иштироки жуда муҳим. Тўғри, улар болани ота-онага нисбатан кўпроқ эркалатадилар. Бола ота-онаси томонидан жазога тортилишини билса дарров бувиси ёки бобоси ҳимоясига ошиқади. Шунинг баробаринда маслаҳат лозим бўлса биринчи галда уларга мурожаат этишади. Барчамизга маълумки, 50-60 ёшлардаги буви билан бобонинг ҳаёт тажрибаси 35-40 ёшлардаги ота билан онаникидан бойроқ. Шундай экан, улар томонидан берилгувчи фойдали маслаҳатларнинг қадрига етмоқлик лозим бўлади. Кузатишлар шуни кўрсатади-ки, бувиси ва бобоси бор хонадондаги боланинг тарбияси бошқаларникидан фарқланади. Ҳозир айримлар йигирма ёшидаёқ ота ёки она бўлишяпти. Агар улар алоҳида яшашса болага бериладиган тарбиянинг қандай бўлишини тасаввур қилаверинг. Телевизордаги қизиқ хангомага гувоҳ бўлган эдим: биринчи фарзандни кўрган ота аёли ва ўғлини туғруқхонадан олиб чиқади. Кечки пайт қарасаки, аҳли аёли чойшабларни ювяпти. «Нима қиляпсиз?» деб сўрайди ёш ота. «Ўғлингиз бўктирибди, ювяпман», дебди ёш она. «Ие, дарров-а?» деб ажабланибди ёш ота. Қаранг, ота бўлмиш йигит чақалоқ бир-икки ёшидан бошлаб бўктирса керак, деб ўйлаганмикин? Ҳали ўзлари тарбияга муҳтож, ҳали ҳаёт сўқмоқларини яхши англамаган ёш ота-оналарга буви ва боболарнинг эътибори, кўмаги жуда-жуда зарур.

Таъбир жоиз бўлса, болаликдан ўсмирлик оламига ўтишлик - кишининг қайта туғилишидир. Энди фақат атрофни кўрадиган одамча эмас, бу борлиқда ўзини ҳам кўра оладиган, фикрлайдиган шахс туғилади. Биринчи туғилишда гўдак чинқириб гўё дейдики: «Мана мен ёруғ дунёга келдим. Қувонинг ва бундан буёғига мен учун ташвишлар чекинг. Мен ҳозирча сизнинг ёрдамингизга муҳтожман. Бир дақиқа бўлсин, мени унутманг. Мени авайланг, ҳар бир нафасимни кузатиб, бешигим ёнидан жилманг. Сизларнинг меҳрингизга, шафқатингизга эҳтиёжим бор! Сал ўтмай мени атак-чечак қилиб юрғизинг, йиқилсам - турғизинг, бошимни силанг...» Одам иккинчи бор туғилишида бутунлай ўзгача оҳангда дейдики: «Энди мен қанотларингиз остидаги полопон эмасман, ҳадеб қўлимдан ушлаб етаклайверманг, ҳадеб изимдан юраверманг. Босган қадамларимга ишончсизлик билан қараманг. Йўргакда тутишга интилманг, бешикдаги ҳолимни унутинг. Мен мустақил одамман. Қўлимдан етаклашга уринманг. Мен рўпарамда баланд тоғни кўриб турибман Унинг юксак чўққилари бор. Бу тоғдан ўзим мустақил равишда ошиб ўтмоқчиман. Бу - менинг ҳаётдаги мақсадим. Мен чўққига кўтарилишни бошлаяпман. Ҳар бир қадамим билан мен юқорига кўтарилаяпман. Рўпарамдаги уфқ тобора кенгайяпти. Янада кўпроқ одамларни кўряпман. Уларни тушунишга ҳаракат қиляпман. Меҳр ўрнига адолатсизлик, илм ўрнига жоҳиллик, шафқат ўрнига зулмни кўрганимда қўрқиб кетяпман. Мен бу борлиқда таянчга муҳтожлигимни сезяпман. Мен ақлли, доно, адолатли одамга зорман. Мен ёнимдаги кучли ва донишманд одамга суянсамгина чўққига чиқа оламан. Аммо мен буни ҳеч кимга айта олмайман. Муҳтожлигимни тан олишим - мен учун иснод. Ҳамма мени «мустақил қадам ташловчи одам бўлиб етилибди, чўққини ўзи забт эта олади», деб ҳисоблашини хоҳлайман.» Агар ўсмирлик оламига ўтган фарзанд ота-онасига бир нима демоққа журъат ва истак топа олса эди, эҳтимол шуларни айтармиди.

Фарзандларимизда 10-11 ёшдан то 14-15 (ўғил болаларда баъзан 16) ёшгача тиббий тил билан айтганда, анатомо-физиологик жиҳатдан кескин ўсиш содир бўлади. Гўё табиат ҳайкалтарошу ўзининг ижодига хос бу жонли ҳайкални тезроқ такомилга етиштиришга уринаётгандай. Бу жараён сиртдан қараганда овознинг дўриллашида (Буни «овози раста бўлбди», деймиз) сезилади, бўйнинг ўсишида кўринади ва биз асосан шунигина пайқаймиз. Ички тўлқинларни, ўзгаришларни сезмаймиз. Биз ҳайкалтарошга ўхшатган табиат ўсмирнинг ҳам жисмоний, ҳам жинсий ўсишини ҳисобга олишга улгуролмаётганга ўхшайди.Боланинг суяклари шу даражада тез ўсади-ки, унинг мушак тўқималари бу ўсишга монанд ривожлана олмай қолади. Ана шунда ўсмирнинг мушакларида оғриқлар пайдо бўлиб ўзини ҳам, ота-онасини ҳам ҳавотирга солади. Боланинг ташқи кўринишида (айниқса 13-14 ёшида) кескин ва сезиларли ўзгариш содир бўлади. Унинг қомати қўполлашади, узун ва ингичка қўл-оёларини қандай бошқаришни билмай қолади. Бу ўсиш ёшида қизлар қадларини эгиброқ юришга одатланиб қоладилар. Агар айнан шу ёшда болаларнинг ўзларига, юриш-туришларига эътибор беришлари ортажаги инобатга олинса, уларнинг бу беўхшовликдан қанчалар изтиробга тушишлари, оқибатда асабий ва қайсар бўлиб қолишлари сабабини тушунишимиз мумкин. Ўсмир доимий равишда ўзининг қомати билан бошқаларникини солиштиради. Агар бошқалардаги фазилат, айтайлик, адл қоматни ўзида кўрмаса сиқила бошлайди.

Бу ёшда бадандаги қувватнинг асосий қисми жисмоний ўсишга сарф этилиши натижасида ўсмир ўзини беҳол сеза бошлайди. Қўшимча дам олишга, тартибли равишда қувватли таом истеъмол қилишга эҳтиёжи кучаяди. Агар бола биз айтган ишни бажара олмаса, асабийлашамиз, уни уришамиз. «Чарчадим», деса буни баҳона сифатида қабул қилиб «Ёш бола нарса уялмайсанми, шу ёшда ҳам чарчайдми?»- деб уялтирамиз. Ота-оналарнинг жуда оз қисми фарзандидаги бу жисмоний ва жинсий ўзгаришларни ҳисобга олади. Ўзининг ҳам бир пайтлар шу жараённи босиб ўтганини унутиб қўяди.

Тиббиётчи олимларнинг кузатишича, бу ёшда юракнинг ҳажми ҳам кенгаяр экан. Қон томирлари эса шунга мос равишда кенгаймай икки-уч йил аввалги ҳолатини сақлаб қоларкан. Қон босими ошишини биз катталарга хос касаллик деб биламиз. Ҳолбуки, айнан шу ўсмирликка ўтиш ёшида (ўғил болаларда 12-13, қиз болаларда 10-12 ёшда) қон босими 140, баъзан 150га қадар кўтарилади. Тўққиз ёшли боланинг қон босими 90 экани ҳисобга олинса, бу ўсишнинг миқёсини ҳис этиш мумкин. Босимнинг бундай ошиши вақтинчалик ҳолат. Бу пайтда ўсмирнинг боши айланади, овқат ҳазм қилиши ҳам бузилади, қорин атрофида оғриқлар сезади.

Ўсмир ўзидаги бу нохуш ўзгаришлар сабабини англаёлмай қийналади. Сабабларни ота-онасидан сўрашга уялади. Ҳаракатларини жонлантириш эвазига бу нохушликлардан қутулмоқчи бўлади-ю, аммо баттар ҳолсизланиб қолади. Бадандаги турли аъзоларнинг бир хилда, бир-бирига мос равишда ўсмаслиги кўкрак қафаси ва ўпкада ҳам сезилади. Қон босими ошиши оқибатида боланинг кўкраги қисилади, юрак уриши тезлашиб, кечалари ухлай олмайди. Ҳатто юрак уришида меёр бузилади.

Биз, катталарнинг камчиликларимиздан бири - фарзандларимиздаги мана шу жисмоний ўсиш жараёнида жинсий уйғониш бошланишини эътиборсиз қолдирамиз. «Боламиз катта бўлиб қолди, улғайяпти», деб қувониб юраверамиз. Бу жараён туфайли боланинг фикрлашида, ҳис-ҳаяжонларида, катталар билан, ҳатто ўз тенгдошлари билан муомаласида жиддий ўзгариш содир бўлаётгани эса бизларни ташвишлантирмайди, сергаклантирмайди. Тўғри, фарзандимиз муомаласидаги ўзгаришни сезамиз аммо биз ҳам муомаламизни ўзгартиришимиз зарурлигини фаҳм этмаймиз. Афсусли ери шундаки, бизда ҳали ҳам жинсий тарбия масаласи иккинчи ҳатто учинчи даражали ҳисобланади. Ота-она фарзандлари билан бу ҳақда гаплашишни уят деб биладилар. Яхшики, айрим оналар қизларига керакли эътиборни қаратадилар. Оталар эса ўғиллари билан бу ҳақда деярли гаплашмайдилар Шунинг натижасидамикин, ота билан ўғилнинг орасидаги масофа яқинлашиш ўрнига узоқлашиб бораверади. Зарур тарбия ота-она томонидан берилмагач, ўсмир ўзига керакли одобни ҳорижнинг беҳаё филмларидан олади.

Танишимизнинг ўн еттига тўлмаган фарзанди бир қизни зўрлашда айбланиб, қамалди. Иккинчи танишимиз бу воқеани шарҳлаб, дедики: «Айб отасида. Бир куни ҳожатхонасига кирсам, яланғоч аёлларнинг суратларини осиб ташлашибди. «Бу нима қилганинглар?» десам, «Ҳозирги ёшларнинг эротик тарбиясига эътибор бериш керак,шунақа суратларни кўрса кўзи пишади-да, ёмон йўлдан тийилади», дейди. Мана, оқибат - кўзи ҳам пишмади, ўзи ҳам тийилмади, баттар бўлди, эротик тарбияси ўзининг бошига ташвиш солди.» Европаликлар «еротик тарбия», деб атаётган нарсани биз «жинсий тарбия», деб тушунадиган бўлсак, бу соҳада ниҳоятда эҳтиёткор бўлинмоғи шарт. Чунки «еротика»нинг нечоғли зарар эканига бу тарбиянинг тарафдорлари бўлмиш Европа ва Америка қитъаси мамлакатлари гувоҳ бўлиб туришибди. Ўсмирлар орасида жинсий хасталикларнинг ва қамалишларнинг ортиб бораётганини биз таъкид этмасак ҳам бўлар. Бу тарбия аламини тотаётган мамлакатларнинг фиғони кўкка учаётган дамда шарққа олиб келмоқликка уриниш ақлсизлик эмасми? Америка ёки Европадаги «донишмандлар» «Санъатдаги эротика тарбияга ёрдам беради, сексни кўрсатиш зарарли», дейишади. Биз уларга ўзбек мақоли билан жавоб берайлик: «Оқ ит - қора ит, бари бир ит эмасми?» Энди мазкур атаманинг луғавий маъносига келсак, асли юнонча бўлган бу сўз жинсий хирсларни бениҳоя даражада қўзғотишни, ишқий маишатга интилишни англатади. Эси бутун одам учун бунда ижобий маъно мутлақо йўқ. Ижобий тарбия ҳақида гапирмасак ҳам бўлади. Баъзилар «Эротикага доир филмларни ўсмирлар ҳам кўрса бўлади, фақат унинг оқибатини тушунтириш керак»,- дейдилар. Бу «донолар»га айтамизки: «Афандилар, сиз ўсмирга беҳаё лавҳани кўрсатдингизми, тамом, унинг кўзи кўр, қулоғи кар бўлди. Яхши нарсани кўришни, яхши гапни эшитишни истамайди. Унинг хаёли фақат кўрган лавҳаси билан банд.» Шундай экан, эротикани жинсий тарбия усули демоқлик - аҳмоқликдан бошқа нарса эмас.

Бу ёшга етган ўсмирнинг мия қобиқларида, асаб ҳужайраларида ҳам жиддий ўзгаришлар кузатилади. У болаларча фикрлашдан воз кечиб мавҳум фикрлашга ўта бошлайди. Ўсмирларнинг (Қизларда эртароқ, йигитчаларда сал кечроқ) фикрлаш тарзида муҳим ўзига ҳосликни кўриш мумкин. Яъни: мактабда эшитганлари, китоблардан ўқиб билганлари, атрофни кузатиш натижасида тушунганларини ўзининг шахсий ўй-хаёллари, хислари, ташвишлари билан солиштириб кўради. Кўрган-эшитганларидан ўзининг манфаатига, қизиқишига, қарашларига мосларини айириб олади. Айириб олиш, солиштириш вақт ўтган сайин кучайиб бораверади. Ўзини ўзи англаш жараёнидаги муҳим омил ҳисобланмиш бу нарса руҳшунослар тилида ўз қилмишига ўзича баҳо бериш, ўзича фикр билдириш, ўзича кузатиш, ўзича қабул қилиш деб аталади ва ота-оналар, муаллимларни ташвишга солувчи турли келишмовчиликларни юзага чиқаради. Ўсмир онгида «Ота-онам каби, ўқитувчиларим ва бошқа катталар сингари мен ҳам алоҳида шахсман», деган фикр уйғонади. Бу фикр ажиб бир кашфиёт сингари уни аввалига ҳайрон қолдиради сўнг янги-янги фикрлар оқимига йўл очади. Гўдаклик чоғида ҳеч ким ўзини отаси ёки муаллими билан тенглаштирмайди. «Мен ҳам отам каби шахсман», деган ишонч ўсмир онгидаги шохсупада ўтирган ота-онани, муаллимни пастга туширади. Энди ўсмир катталарнинг ҳатти-ҳаракатларини диққат билан кузатиб, олам-олам камчиликлар топа бошлайди. Бошқаларни кузатгани сайин ўзига бўлган эътибори ҳам кучаяди. Ўзига бўлган эътибор ҳамма вақт ҳам ўзини яхшилашга қаратилмайди. Мана шу нуқтада атроф муҳитнинг тарбия кучи, маънавий бойликлардан фойдаланишнинг қай даражада экани муҳим аҳамият касб этади.

Ёш бола тарбиячининг (ота-она ёки муаллимнинг) «бу яхши - бу ёмон, бу мумкин - бу мумкин эмас», деган гапларига ишонади. Бу гапларни у ҳақиқат ўрнида қабул қилади. Тарбиячи ҳам ўзини ёш боладан устун қўйиб ўрганиб қолади. У кечаги ёш боланинг бугун ўсмирлик оламига кирганини, унда катталар билан тенгҳуқуқлик даъвоси уйғонганини, катталар сингари энди ўзини ўзи эркин бошқариш истагида ёнаётганини, атрофида фақат борлиқни эмас, балки бу борлиқда ўзини ҳам кўраётганини, ўзи учун жой - ўрин талаб қилаётганини тасаввур ҳам этмайди. Тасаввур этмадими, буйруқ ва талаб йўлидан воз кечмадими, демак, у янги шахснинг туғилаётганини сезмабди, тарбияда хатога йўл қўйибди. «Болам (ёки ўқувчим) менинг гапларимни сариқ чақага олмайди», деган нолишлар айнан мана шунинг оқибатидир. Бу ўринда сабабни боланинг қайсарлигидан эмас, ўзимиздан ҳам қидиришимиз керак бўлади. Сергак тарбиячи ўсмирнинг феълидаги ўзгаришларни назардан четда қолдирмайди. Ўсмирнинг катталар гап-сўзларига эҳтиётлик, баъзан танқидий муносабатда бўлиши, ўжарлиги, арзимаган нарсага ҳам тез асабийлашиши, баъзан эса қўполлашиб қолиши тарбиясининг бузилишдан нишона эмас, балки вужуддаги табиий ўзгаришларнинг таъсиридир. Бунақа пайтда «Тамом, бола бузила бошлабди!» деб ҳукм чиқариб, дарров кескин чоралар кўра бошлаш ярамайди.

Биз - катталар болаларни кузатиб юрамиз, уларнинг ҳатти-ҳаракатларига баҳо берамиз, турли давраларда улар ҳақида сўз юритамиз. Бу соҳада биз осмонда, болалар ерда. Биз ерда ҳам шундай ҳаёт давом этишини ўйлаб кўрамизми? Болалар бизни синчиклаб кузатишларини, тилимиздан учган гапларни муҳокама этишларини, баъзан бизнинг шаънимизни ҳимоя қилиб, баъзан эса балчиққа булғашларини, энг муҳими айтган гапимиз билан ишимизнинг бир-бирига мос ёки мос эмаслигини таҳлил этиб, хулоса чиқаришларини биламизми?

Ким «Фарзандим мен ҳақимда мана бу, мана бу фикрда», деб аниқ айта олади. Бир хонадонда кузатган эдим: ота сигаретни бемалол тутатиб олиб, чекишга ўрганаётган ўғлига танбеҳ берган эди. Ўзича чекишнинг зарари ҳақида гапиргач, агар гапга кирмаса калтакланиши аниқлигини маълум қилиш билан тарбиявий соатни якунлади. Бола «Ўзингиз-чи?» деган саволни бергиси келади аммо ваъда қилинган калтакка муддатидан олдин етишиб қолишидан қўрқиб индамайди. Индамайди-ю, пана-панада чекишини давом эттираверади. Ичкиликнинг зарари тўғрисида гапирган бобога набира «Ўзингиз ҳам роса ичгансиз-ку?»- деб таъна қилади. Бобо «Ҳа, ичганман, ўшанинг зараридан ҳозир кўп касал бўламан»,- деб фатво топади. Бироқ, ўсмирга бу гап таъсир қилмайди. Бу ўринда, аввал айтганимиз шахсий намунани, хурмо ейишни камайтирган донишмандни эсласак жоиз.

Яқинда сафарда бўлганимда бир киши менга хотира дафтарини кўрсатди. Ўн олти ёшида у ибратли бир кашфиёт қилган экан. Дафтарнинг бир саҳифасида ота-онаси, қариндошлари, ўқитувчиларнинг таърифу тавсифи, уларнинг ўсмир кўзига кўринган қусурлари, иккинчи саҳифасида эса унинг ўз ишлари, хато -камчиликлари баён этилган эди. Ажабки, катталарнинг хато-камчиликлари, ҳатто ёмонликлари ўсмирникидан анча кўп экан. Бундай кузатишларини ҳамма ҳам дафтарга ёзавермайди. Аммо деярли ҳаммада бундай таҳлил мавжуд. Озми-кўпми деярли ҳар бир ўсмир атрофда кўрган-билганлари асосида ўзини ўзи тарбиялашга ҳам ҳаракат қилади. Ташқи таъсир бизнинг гапимиздан кўра кўпроқ қувватга эга бўлади. Халқда «Ҳамма ўз қаричи билан ўлчайди», деган нақл бор. Ўсмир ўқиган, кўрган, билган нарсаларини ўз онги даражасида таҳлил қилади ва кўпинча биз кутмаган воқеалар содир бўлади.

Айтайлик, бир китобда ўсмир ўлимнинг тасвирини, ҳаёт ва ўлим ҳақидаги мушоҳада баёнини ўқиди. Сиз билан биз учун бу оддий баён. Одамларнинг, ҳатто энг яқин кишиларимизнинг вафотига кўникканмиз, бу масалада дийдамиз қотиб қолган. Қачондир бу дунёни тарк этишимизни ҳис қилмасак ҳам биламиз. Бу дунёда кўрганимизни кўрдик, у дунёга рихлат қилиш катталар учун у қадар фожеа бўлиб туюлмас. Аммо ўсмир буни бутунлай бошқача қабул қилади. Ўлим баёнини ўқигач, унда «Мен ҳам ўламанми!» деган азобли фикр уйғонади. Руҳий қийноққа ҳам тушади. Мен шундай болани кузатган эдим. У бирданига ҳамма нарсага бефарқ бўлиб қолган эди. Кўчада ўртоқлари ўйнасалар қўшилмайди, ўртоқлари қизларга гап отадилар, тегажоқлик қиладилар, у эса эътиборсиз. Уни »Ҳамонки ҳамма ўлар экан, одамлар нима учун бу қадар ўйнаб-куладилар, нима учун майда-чуйда нарсаларни талашадилар, бир-бирлари билан урушадилар?» деган савол қийнарди. Авваллари агар бирон ўсмирда бундай ҳолат кузатилса, тарбиячиларимиз «диндорлар ёшларни у дунё азоблари билан қўрқитиб, миясини захарлаган», деган хулосага келишарди. Бу нотўғри тушунча. Ўсмирга диний гап айтилмаса ҳам, биз зикр этганимиздай китобда ўлим ҳақида ўқимаса ҳам ҳаётдаги бир воқеа сабаб бўлиб шундай руҳий азобга банди бўлиб қолиши мумкин. Кузатинг-а, отаси ёки онаси (ёки ака-опаси) вафот этган 25-30 ёшли одам билан ўсмирнинг руҳий ҳолати бир ҳилмикин? 25-30 ёшли одам отасини дафн этиб келгач, кечаси ётиб ухлаши мумкин. Аммо ўсмир ухлай олмайди. Ҳатто хафталаб кўзига уйқу келмайди. Руҳий азоблари катталар ҳис қила олмайдиган даражага етади. Отасининг вафотидан сўнг ҳотиржам яшашда давом этаётган ака-опаларидан нафратлана бошлайди. «Агар ҳаётнинг интиҳоси шу бўлса, бу дунёда яшаш шартми? Мен ҳам бир куни уйланаман, хотинимни, болаларимни боқаман, катта қиламан, кейин ўламан. Гўрга қўйиб келишгандан кейин улар ҳам чақчақлашиб яшайверишадими?..» Ўсмир ҳаётнинг аччиқ ҳақиқатини шу кўринишда англади.

Энди у борлиқда ўзига ажратилган ўриндан ҳам норози. Атрофдагилар кўзига хунук кўриниб, улар билан учрашмоқликни, гаплашмоқликни истамайди. Ҳамма нарсага лоқайд қарайди. Ҳатто бу дунёдан кетишни ҳам ўйлаб қолади. Бундай ҳолда ўсмирнинг яқинлари уни руҳий касалликка чалинган, деб ўйлайдилар. Фолбинларга югурадилар, домлаларга бориб дам солдирадилар. Агар ўсмир уларнинг бу ҳаракатларини сезса дарду ғазаби баттар ошади. Тўғри, ўлим воқеаси сабаб бўлиб ўсмирнинг руҳи парчаланди. Буни тиббий тилда «шизофрения» дейишади. Лекин бу телбалик, девоналик ёки жиннилик эмас. Бу дардни кимёвий дорилар билан даволаб бўлмайди. Бу дарднинг давоси - яхши муносабат, чидам. Катталар ўсмирнинг барча қилиқларига чидашлари керак. Ўсмирнинг бу дарди бир неча йилга ҳам чўзилиши мумкин. Уни фожиа издан чиқардими, кутилмаган яхшиликнинг таъсири яна аслига қайтариши мумкин. Бу жараёнда ўсмирга дилдан сўзлаша оладиган, сирлаша оладиган меҳрибон суҳбатдош керак, жуда керак.

Танишимизнинг жанозасига борганимда ўн беш ёшли қизи «Амаки, ҳамма ўлиб-ўлиб, охири дунёда ҳеч ким қолмайдими? Одам билан жониворнинг нима фарқи бор унда? Барибир шундай ўлиб кетаверса дунёда яшашнинг нима қизиғи бор? Мени ўқишга мажбурлашади. Барибир ўлиб кетсам, бу озгина ҳаётда билимнинг менга нима кераги бор?»- деб сўраб қолди. Бунақа пайтда биз - катталар болаларни деярли бир ҳил гаплар билан овутамиз. Чунки бизнинг юрагимизда бола қалбини тирнаётган дард, азоб бўлмайди. Дардли саволга қайтарилган дардсиз жавобдан эса ўсмир қониқмайди.

Танишларимдан бири ташвишланиб:
— Кейинги кунларда қизим ғалати бўлиб қолди. Ўйланиб ўтираверади, мен билан гаплашгиси келмайди,-деди.
— Бирор кўнгилсиз воқеа юз бердими?-деб сўрадим.
— Йўқ, кўнгилни оғритадиган гап-сўз бўлмади. Уч кун олдин эрталаб турсам, ҳовлида ўтирибди. Битта китобни кўксига босиб олган. Йиғлаяпти. Қизимнинг эрталаб турадиган одати йўқ эди. Жин-пин чалиб кетибди шекилли, деб қўрқиб кетдим.
— Кўксига босгани қандай китоб экан? Қизиқмадингизми?
— «Ўтган кунлар» экан. Энди китоб ўқишга қўймаяпман.

Танишим қизимдаги ўзгаришнинг сабабчиси деб китобни айблаб, қисман тўғри хулоса чиқарган. У энг асосий сабабни тушунмаган: фарзандининг энди ёш қизча эмаслигини, қизлик оламига кириб, фикрлай бошлаганини сезмаган.

Шу воқеадан сўнг бир мактабда кичик тажриба ўтказдик. Юқори синф ўқувчиларидан Кумушнинг тақдирига оид эркин иншо ёзиб беришларини илтимос қилдик. Болалар иншони уйда ёзиб келишлари лозим эди. Кутганимиздек, ўғил болаларнинг саксон беш фоизи иншо ёзмади. Ёзганлари ҳам дарсликдан ташқарига чиқмаган. Қизлар томонидан ёзилган иншонинг қирқ фоизида эркин фикрлашга интилиш бор эди. Мазмунли деб ҳисоблаганимиз ана шу иншоларнинг ярмидан кўпроғида Кумушнинг тақдирига ачиниш бор. Кумушнинг ўлимида айримлари Отабекни айблашган. Агар иккала хотинга бир ҳилда муносабатда бўлганда Зайнаб кундошини захарламас эди, деган хулосага келинган. Бизни ажаблантирган иншоларда қизлар Кумушнинг ўлимига ачинмай, балки «ўлимига ўзи сабабчи бўлган, ўзи кундошининг ғашига теккан», деб ҳукм чиқаришган.

Қизларнинг бу фикрлари ўсмирларнинг дунёқарашлари замонга хос равишда ўзгариб туради, деб аввалроқ баён этган даъвоимизни яна бир бор тасдиқласа керак. Ҳар ҳолда олтмишинчи ёки етмишинчи йилларидаги мактаб ўқувчилари бу тарзда иншо ёзмас эдилар. «Отабек ва Кумуш чин муҳаббат эгаси», деган гапдан нари ўтмас эдилар. Кумушнинг ўлимига бўлган турлича қараш, фожеадан турлича таъсирланиш ўсмирнинг борлиқдаги ўз ўрнини қандай топишини белгиловчи омиллардан бири десак ҳам бўлади. Кумуш ўзининг ўлимига ўзи сабабчи, деган қиз эрта наҳорда туриб, китобни бағрига босиб йиғламайди. Атрофдагилардан нафратланмайди. Унинг ҳис-туйғулари, ирода кучи бўлакча. Ҳаётдаги адолатсизликни кўрганда тушкунликка тушмайди. Енгиб ўтишга интилади.

Ўсмирнинг ҳаётда ўз ўрнини топишга интилиши билан бир озгина танишгач, энди ўз жонига қасд қилган йигитча билан қизнинг тақдирига қайтсак бўлар. Бу ҳақда сиз ҳам ўйлаб кўргандирсиз. Аслида воқеа бундай бўлган: ўсмир тарбияси бузилган ёмон бола эмас. У ўз маҳалласида эмас, шаҳарнинг бошқа қисмида жойлашган литсейда ўқийди. Ҳар бир мактабми, литсей ёки коллежми, кинохонами, шунинг атрофида «зўр»лар ин қўйган бўлишади. Бу зўрларни балоғатга етмаганлар билан шуғулланувчи милитсия ходими ҳам билади. Ўтган-кетганда «бу ерда ўтирмаларинг», деб танбеҳ ҳам беради. Милитсия ходимининг бундан бўлак ҳаракатга хуқуқи йўқ. Бекор гап сотиб ўтирганларни олиб бориб қамай олмайди. Агар улар бировни уришса ёки тунашсагина асос бўлади. Ўша «зўр»лар бу жиноятга албатта қўл уришларини билса ҳам, исбот-далилсиз бирор чора кўра олмайди. Хуллас, биз айтган йигитча ўша «зўр»ларнинг зуғумига дуч келади. Улар ҳар куни пул талаб қилишади. Уларнинг одати шундайки, ким айтилган пулни бериб турса, талабни ошираверадилар. Пул бермаган бола калтакланади. Маълумки, баъзи болалар калтакдан қўрқмайди, мушт еса ҳам чидаб юраверади. Айримлар эса ҳатто чертишдан ҳам зириллаб туришади. Биз айтган йигитича шундай тоифадан эди. У аввалига овқатланиш учун берилган пуллар билан қутулиб юрди. Кейин талаб оша бошлагач, бувисининг қутисидаги пулдан ола бошлади. Бунақа пайтда баъзи болалар ота-онасига воқеани айтади. Катталар аралашгач, масала ижобий ҳал этилади ҳам. Лекин дардини ичига ютадиганлар ҳам оз эмас. Улар ўзларича чора излашади, лекин топа олишмайди. Ўша йигитча ҳам отасига айтиши мумкин эди. Лекин айтолмади. «Э, латта, шуларга кучинг етмайдими, мишиғингни оқизиб юровур...»- деганга ўхшаган гап эшитишни хоҳламай айтмади. У икки ўт орасида қолди.

У ўзини ўғирлиги учун, қўрқоқлиги учун айблади. Тунлари ухламай ўша «зўр»лар билан олишиб чиқди. «Эрталаб бораман, «Нима қилсанг қил, ўлдирсанг ўлдир, пул йўқ», дейман»,- деб қарор қилади-ю, «зўр»ларни кўргач, дами чиққан пуфак ҳолига тушади. Бора-бора бувиси пули йўқолганини билади. Йигитча унинг «ўлимлигимга йиғиб қўйган пулим эди-я, қайси бемеҳр олди?»- деган гапларини эшитиб қолади-ю, ўн азоби минг бўлади. Ичга ютилган дард уни кемира бошлайди. «Мен олувдим, шунақа воқеа бўлувди», деса - олам гулистон. Ота-онаси ҳам, бувиси ҳам бир оз койиб, сўнг унутишарди. Йўқ, бу бизнинг фикримиз. Ўсмирнинг фикри унинг ғўр ғурури бошқача йўлга ундайди. Бир неча сўздан иборат гапни айтишдан кўра ўлимни танламоқлик унга осон туюлади. Бу нуқтада ирода заифлиги, борлиқни тўғри англай олмаганлик, фикр оқсоқлиги, таҳлил ва нотўғри хулоса чиқариш устунлиги учрашиб ўзига ўлим ҳукмини танлаган. Ўша «зўр»лар билан курашиш, отаси ёки онасига адолатсизликни тушунтиришга уринишдан кўра ўлиш унга осонроқ туюлган. Бу ўринда ўсмир ўзлигини танишда адашди. Боласини ҳамиша тергаб турувчи ота-она эса фарзанди билан ўзлари ораларидаги масофа узоқлашиб бораётганини сезишмади. Ўртада ишончсизлик девори кўтарилаётганини кўришмади. Тарбия ҳақида гап кетганда айримлар «ота-она боласига дўст бўлиши керак», дейдилар. Шундай суҳбатда бир аёл «Мен - онаман, боламга дўст эмасман. Мени она сифатида ҳурмат қилишини хоҳлайман»,- деди. Аёлнинг бу талабини инкор этмоқ қийин. Лекин «болага дўст бўлиш» деганда асл маънони англамаслик керак. Маълумки, ўсмир ота-онага айта олмайдиган айрим гапларни ўртоқларига айтади, улар билан маслаҳатлашади. Уларнинг маслаҳати билан бирон яхши ёки ёмон ишга қўл уради. «Бола билан дўстлашиш» - фарзандингизга шундай яқин бўлинг-ки, у дардини ўртоғига эмас, сизга айтсин, сиз билан маслаҳатлашсин, демакдир.

Ўсмирлардаги ҳис-туйғу даражасининг бир-биридан фарқланиши ҳаётда ўз ўринларини танлашларига сезиларли таъсир кўрсатади. Ўзининг жонига қасд қилган йигитча таъсирчан, туйғуларига банди бўладиган тоифадан эди. Агар у ҳис-туйғуга берилмаганида бу йўлни танламасди. Афсусланарди, узр сўрарди, вассалом. Демоқчимизки, тарбиячи ўсмирлик оламига ўтаётган ёки ўтган боланинг ҳис-туйғулари билан ҳам ҳисоблашишга мажбурдир.

Иккинчи воқеага келсак, бу фожиада ҳам ҳис-туйғунинг кучи инобатга олинмаган. Бизда ғалати бир одат бор: мактаб ўқувчиси севиб қолибди, деган гапни эшитсак, хаёлимизга дарров ёмон фикр келади. Севибдими - демак, бузила бошлабди. Бизнингча, мактаб ёшида севиш мумкин эмас, мактаб ёшида фақат ўқиш керак, деб ҳисоблаймиз. Буни ҳақиқат ўрнида қабул қилиш - бизнинг нодонлигимиздир. Чунки севиш-севилишни биз белгиламаймиз, бу бизнинг истагимиз билан бўлмайди. Бу - табиий жараён. Бола табиат томонидан уйғотилдими, бас, уни тош қалъага яшириб қўйсангиз ҳам кўнглига севги оралайди. Биз севгига қарши юрмай, бунинг муқаддас туйғу, беназир неъмат эканини аввало ўзимиз тушуниб, сўнг фарзандимизга англатишга уринишимиз керак.

Бир мактабда шундай бўлмабди. Юқори синфда ўқийдиган қизга шу синфдаги йигитча муҳаббат изҳорини ёзади. Иттифоқо мактуб ўқитувчининг қўлига тушади-ю, олов бўлиб ёнади. Бу муаллима юқорида зикр этганимиз - севгини жиноят ўрнида қабул қилувчи тоифадан эди. У қизни турғизиб кўпчиликнинг ичида изза қилади.

Бу ҳам етмагандай «синфдошинглар бузуқ йўлга кирибди, унга тупуринглар», деб болаларни тупуришга мажбур қилади. Қиз бу номусга чидай олмай уйига келиб ўзига ўт қўяди. Қиз бу билан ўзича исён этади. Лекин унинг бу исёнини атрофдагилар тўғри қабул қилишмайди. Аксинча, «бузилган экан, шармандаликдан қўрқибди», деб хукм чиқаришади. Агар қизнинг туйғулари кучли бўлмаганида у дардни йиғи билан енгарди ёки муаллима билан гап талашиб бўлса-да, ўзини ҳимоя қиларди.

Қуриядаги жаҳон биринчилигида иштирок этган Туркия терма жамоасида Умид Давала деган футболчи ўзининг маҳоратли ўйини билангина эмас, сочи билан ҳам кўпчиликнинг диққатини тортган эди. Унинг сочи худди жўжахўрознинг тожини эслатарди. Ўсмирликда машҳур кишилардан бирини ёки бир нечтасини «кумир» деб билиб, унга ўхшашга интилиш бўлади. (Кумир -асли мажусийларнинг санамга топиниши маъносини билдиради. Ҳозир бирор кимсага ғоят равишда кўнгил қўйиб, уни жони-дилидай кўриб, унга сажда қилиш даражасида яхши кўриши тушунилади.) Туркиялик бир йигитча учун бу футболчи «кумир» экан. Умид Давалага ўхшаш ҳаваси билан сартарошга бориб сочини жўжахўрознинг тожидай қилиб олдирибди. Бу иши отасига ёқмай сочини олдириб ташлашни талаб қилибди. Ота-бола орасидаги келишмовчиликнинг якуни - бола исён қилиб, ўзини осибди. Бу сатрларни ўқиб «шунақа аҳмоқлар ҳам бўлади», дерсиз. Тўғри, боланинг иши аҳмоқлик. Лекин, биз ақллилар унинг ақлсизлиги сабабини нега вақтида тушунмаймиз?

Шунга ўхшаган воқеа ўзгача якун топганига камина гувоҳ бўлган эди. Ота сартарошга «ўғлим келса сочини таг-туги билан олиб ташланг», деб илтимос қилиб кетади. Сартарош унинг илтимосини адо этади. Ўғил бундан ғазабланади, лекин у футболчининг ихлосманди йўлини танламайди. Унинг исёни бўлакча - икки ўртоғи билан кечаси келиб сартарошхонани вайрон қилиб ташлайди. Бу иши учун қамалган бола билан суҳбатлашганимда у қилмишидан мутлақо афсусланмади.

«Сартарош жазоланиши керак эди, мен уни жазоладим»,- деди фахр ва мамнуният билан. «Бу отангнинг талаби билан бўлган-ку?»- деган сўроғимизга: «Отам ҳам бундан буён менинг ҳаётимга ўйлаб аралашадиган бўладилар»,- деб жавоб қайтарди.

Булар нима: Ўжарликми? Нодонликми? Ожизликми? Ҳа, ўжарлик. Ҳа, нодонлик. Ҳа, ожизлик... Энг муҳими ўсмирнинг ҳаётда даъво қилаётган ўз ўрни учун кураши. Бу курашда енгиб чиқиш учун у ҳар қандай чорадан фойдаланишга тайёр. Биз бу курашнинг моҳиятини англаб, уни ҳаёт-мамот жангига айлантирмай, баъзан чекинишимиз ҳам керак. Урушда доно саркардалар фақат хужум билан эмас, балки тадбир билан ҳам енгадилар. Тарбияда хужумни афзал билувчилар унутмасинларким, бундай «жанг»да фарзандлар қалбларидан яраланадилар. Яраланган қалбга малҳам топа оламизми? Бу мажруҳ қалбни даволай оламизми? Яралаш осон. Тузатиш-чи?

Юқорида баён қилганимиз ўз-ўзини ўлдириш воқеаларининг ўрганаётган мавзуимизга алоқаси йўқ, дерсиз. Асти ундай эмас. Тўғри, биз жиноятга олиб бориши мумкин бўлган йўлларни кузатяпмиз. Ўз-ўзини ўлдириш эса жиноятнинг айни ўзи. Бундай қотилликни барча динлар қоралайдилар. Биз- мусулмонларда жаноза ўқилмайди, насароларда булар ҳатто қабристонга киритилмайди, ташқарига кўмилади. Шарафли ҳадисда ривоят қилинишича, ғазотда ном чиқарган лашкарга ҳавас қилиб саҳобалар: «Эй Оллоҳнинг расули, бу одам жаннатими?» деб сўраганларида пайғамбар алайҳиссалом: «Дўзахи», деб жавоб берган эканлар. Саҳобалар бу жавобнинг маънисига етмай юрган кунлардан бирида, оғир жангда ўша жангчи яраланибди-да, оғриқдан қутулиш мақсадида ўз кўксига ханжар санчиб, жон берибди.

Ислом йўлида жонбозлик қилганлари ҳам инобатга олинмай дўзахи қавмида кетган экан. Аввал айтганимиздек, атрофдагиларга исён сифатида ҳар бир ўсмир ҳам ўзини ўзи ўлдиравермайди ва биз ортиқча ваҳима қилаётганимиз йўқ. Мақсад - ўсмирнинг руҳида кечувчи ҳар қандай ўзгаришга нисбатан эътиборни тортмоқликдир.

Ўсмирнинг биологик томондан тез ўсишини айтдик. Атроф-муҳитни англаши, яъни ижтимоий жиҳатдан камолга етишуви эса бу ўсишдан анча ортда қолгани сабабли катталар билан зиддият келиб чиқади.

Энди тасаввур қилайлик: ота ва ўғил ёнма ён туришибди. Кўзлари бир нуқтага қадалган. Бу нуқтани «борлиқни баҳолаш», деб атайлик. Ўғил биологик ва ижтимоий етуклик орасидаги фарқни ажрата олмайди - ота эса бу икки етукликни фарқлайди. Ўсмир биологик ва ижтимоий етукликни бир деб билади - Ота ўғлини ҳали камолга етмаган шахс сифатида кўради. Ўғил балоғат ёшига етганини англаб, ўзини катталар сафида кўришни истайди - ота ўғилнинг бу даъвосини инкор этади.

Айни шу нуқтада фарзанд ва ота-она орасида келишмовчилик, ҳатто кучли зиддият пайдо бўлади. Ўсмир ўзини камситилган ҳисоблайди, кўнгли оғрийди. Камситган одамга нисбатан, агарчи у ота ёки онаси бўлса-да, нафрат уйғонади. Катталарнинг меҳрибонликлари ҳам ёқмай қолади, ҳатто ғашини келтира бошлайди. Ўзини катта, мустақил одам эканини исбот этиш чорасини излайди (Сартарошхонани вайрон қилган болани эслайлик). Одоб доирасидан узоқлаша бошлайди. Катталарнинг иллатларидан нуша кўчиришга уринади. (Чекишга ёки майхўрликка ўрганиш бунга мисолдир).

Бу ўринда ота-она муносабатининг икки ҳил кўринишини кузатамиз. Бир тоифа боласини ҳали ҳам гўдак фаҳмлайди ва ҳаёт йўлларида доимо қўлидан ушлаб, етаклаб юришни хоҳлайди. Бошқа тоифа эса «болам энди катта бўлиб қолди», деб уни ўз ҳолига ташлаб қўяди. Бизнингча, ҳар иккала йўл ҳам хатарлидир. Тарбиячи олимлар орасида «Бола эмас, катта ҳам эмас», деган ибора юради. Мана шу нарса ҳам зиддият келтириб чиқарувчи омилдир. Биз боламизни тергасак: «Энди ёш бола эмассан, каллангни ишлат!» деб танбеҳ берамиз. Бошқа ҳолатда эса «Сен ҳали ёш боласан, бунақа ишларга ақлинг етмайди», деб камситамиз. Ҳолбуки бу даврга келиб, фарзандимиз биз сезмаган даражада маълум оқиликка ҳам эга бўлади.

Ровийлар айтмишлар: «Подшоҳнинг ўнг томонида ўз ўғли, чап ёнида хос хизматкорининг фарзанди ўтиришарди. Подшоҳ ўғлидан сўради-ки:
-Ўғлим, сен бу фоний дунёда нималарни орзу қилурсан, кўнглинг нималарни қўмсайдур?
-Молу мулким беҳадлиги билан шуҳрат қозонмоқликни, ҳамиша шароб ичмоқлигу бетўхтов шикорларга чиқмоқликни, айшу-ишрат денгизидан сузмоқликни орзу қилурман,-деди шаҳзода.

Шунда подшоҳ мазкур саволни хос хизматкорнинг ўғлига берди.
-Давлатпаноҳим, мен шафқатли ва марҳаматли, хайр-саҳоватли бўлмоқликни, халққа хизмат этмоқликни, жамиятга фойда етказмоқликни, барчанинг меҳру муҳаббати, олқишини олишга етишмоқликни орзу қиламан,-дебди хизматкорнинг ўғли.

Ҳикоятдан муддао шулки, ҳар икки фарзанд оламни ўз отасининг ёнида туриб кўрди ва унда шунга яраша дунёқараши шаклланди. Уларнинг айтганлари шунчаки ҳавога учувчи орзулар эмас. Айнан шу орзулар уларнинг ҳаёт йўлларини белгилайди. Қобил фарзанд - ота-онаси учун мисли гавҳар бўлса, ноқобил фарзанд улар бўйнини бўғиб турувчи мисли илондир, дейдилар. Унинг гавҳар ёки илон бўлмоғи бизнинг тилимиздан учувчи сўзларнинг маънисига, босажак қадамимизнинг пок ёки нопоклигига боғлиқ.

Донолар дерларким: «Фарзанд - ота-она учун жондир. Борди-ю, фарзанд ноқобил бўлса - озори жондир. Ёмон фарзанд ота-она учун бадандаги оғриқ бармоқдир. Кесиб ташласа оғрир, кесмаса яна бир балодир. Фарзанд ота-она кўзининг меҳргиёси бўлса ҳам, ноқобили хас-хашак билан баробардир. Демишларким, агар фарзанд ёмон йўлга кирса, ундай фарзанднинг боридан йўғи яхшидир. Бирон аъзони илон чақиб олса, ўша ер кесиб олиб ташланмаса, одам ўлим топади...»

Албатта, донолар фикри анчайин қатъий ва аёвсиз кўринади. Лекин начора? Ота ёки она жуда камдан кам ҳолларда фарзандидан воз кечади. Агар илон чаққан ерни кесиб ташламоқ фикрини бугунги кун тилига ўгирсак - ёмонликни касб этган фарзанднинг қамоққа ҳукм қилиниши ёки бевақт ўлим топиши бўлиб чиқар? Ҳар нима бўлганда ҳам бундан Оллоҳнинг ўзи асрасин!

Фарзандимизнинг болаликдан ўсмирлик оламига қадам ташлаши муборак бўлсин. У ўзини ўзи англай бошладими, билайлик-ки, бу ҳам улуғ неъматдир. У улғайганини билдирмоқчими, марҳамат қилайлик, кўкрагидан итармай, сафимизга олайлик. Фарзанд - талабларимизни сўзсиз бажарувчи қул эмас. У ҳам фикрловчи онгли инсон. Бизнинг талабларимиз эса ҳамма вақт ҳам тўғри бўлавермайди.

Avvalgi
I- qism