OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

5 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифТоҳир Малик
Асар номиЖиноятнинг узун йўли (II- қисм)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Тоҳир Малик
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Қиссалар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм362KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2011/07/21
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Жиноятнинг узун йўли (II- қисм)
Тоҳир Малик

Қил кўприк

  • Қозонга яқин юрма

  • «Менинг дўстимни билмайсиз»

  • Икки кўзи дўст учун фидо

  • «Биринчи пахан»

Фарзандимиз ўзлигини бирданига таниб олмайди. Унда бир кечада «Мен» туйғуси туғилмайди. Борлиқни танишда фақат ўзининг фикрига асосланмайди. Атроф-муҳит таъсирини четлаб ўтолмайди. Буни биз биламиз ва ўғил-қизларимизнинг дўстлари билан баъзан қизиқиб ҳам қўямиз. Унинг дўстлари таъбимизга ўтирмаса, ёки бу дўстнинг ота-онасини ёқтирмасак, фарзандимизни бундай дўстдан узоқлаштиришга уринамиз. Бундай вазиятда биз даъвоимизни исбот этолмаймиз. «У билан ўйнама», деб талаб қилиш билан чекланамиз. Бундай жараённи ҳаммамиз бошимиздан кечирганмиз. «Фалончи одобсиз, у билан ўйнама», дейиш бизларга ота мерос.

Дўст танлаш ҳаётдаги энг мураккаб масалалардан бири. «Дўст деб юриб қўйнимда илон сақлаган эканман», деб афсус чекувчиларни кўп кўрганмиз. Дўст масаласида бир-икки куймаган одам топилмасов. Шунинг учун ҳам фарзандимизнинг дўстлари бизларни бефарқ қолдирмайди. Аммо бу дўстларни яхши ўрганмай, яхши билмай туриб инкор этишимиз фарзандимизга ёқмайди. Фарзандимиз дадилроқ бўлса «Сиз ўртоғимни билмайсиз», деб баҳслашиб, уни ҳимоя этиши мумкин. Дардини ичига ютадиганлари эса «Адам (ёки ойим) билсалар-билмасалар ҳар нарсага аралашаверадилар», деб эзилиб юраверади. Биз ёнимиздаги дўстимизнинг қандайлигини билмаганимиз ҳолда бир-икки марта кўрган ёки эшитганимиз - фарзандимизнинг ўртоғи ҳақида ҳукм чиқариб қўямиз. Биз ароқхўрнинг ўғлини ёки кўчада писта сотиб ўтирувчининг қизини фарзандимиз билан дўстлашишини истамаймиз. Агар ҳокимнинг ўғли билан дўстлашса қувончдан бошимиз осмонга етади. Чин дўстлик билан манфаат дўстликни ўзимиз фарқламай туриб, фарзандимизни шу дўстлик сари ундаймиз. Агар фарзандимиз ҳокимнинг ўғлини бошлаб келса уни энг азиз меҳмондай кутиб оламиз. Соясига кўрпача соламиз. Ҳоким ишдан кетгандан кейин келган ўғилни эса энсамиз қотиброқ қаршилаймиз.

Фарзандимизнинг ундан узоқлашишини хоҳлаб қоламиз. Бу ҳақиқатни фарзандларимиз кўриб, фаҳмлаб туришади. Сиз буни инкор этмассиз? Албатта, фарзандимиз атрофида ёмонлар бўлиши ҳам мумкин. Балки уларнинг ёмонликлари фарзандимизга яхши бўлиб кўринар, эҳтимол ундан қўрққани учун яқин юришга мажбурдир. Биз буни ҳам ҳисобга олишимиз шарт. Биз кўпроқ «Қозонга яқин юрма - қораси юқади, ёмонга яқин юрма - ёмонлиги юқади», мақолини амалга ошириш пайидамиз. Лекин «Ҳар ким айбсиз дўст қидирса - дўсти камайиб қолади, дўстларини ранжитаверса - душмани кўпаяди», ҳикматини ҳам унутмаслик керак. Сиз, муҳтарам тарбиячи, ўғлингиз ёки қизингиз ёки икковини ёнингизга олиб қандай одамлар билан дўстлашмоқ мумкину қандайлардан нарида юрмоқ афзал, деган мавзуда ҳеч суҳбатлашганмисиз? Суҳбатлашган бўлсангиз нималар дегансиз? Агар суҳбатлашмаган бўлсангизу фарзандингиз «ада (ёки ая) дўст танлашимда менга маслаҳат беринг?» дейишса жавобга тайёрмисиз? Сиз ҳозир шу саволни ўйлаб туринг, мазкур бобнинг ниҳоясида бу масалага қайтамиз. Ҳозир эса диққатингизга бир ҳикоятни ҳавола этамиз:

Кўчада кетаётган отлиқ қария болаларнинг ўйинига разм солибди. Аниқроғи ўйинга эмас, болаларнинг ҳатти-ҳаракатларига эътибор қилибди. Болалардан бири қарияни кўриб ўзини четга олибди-да, қўл қовуштириб салом берибди. Бошқалар қарияга қараб қўйишибди-ю, ўйинларини давом эттиришибди. Шунда қария улар ёнидан ўтаётиб узугини ташлабди-да: «Ким узугимни олиб узатса, суюнчи бераман»,- дебди. Болалар талашиб-тортишишибди. Чаққонроғи узукни кўтариб узатибди-да, суюнчидан умидвор бўлибди. Қария ёнини кавлаган бўлиб «Аттанг, ҳамёним уйда қолибди, суюнчини кейинги сафар оласан», дебди. Шунда гўё узукни тақаман деб яна тушириб юборибди. Суюнчидан умидини узган болалар энди эгилишмабди. Салом берган бола эса узукни олиб, чангини артиб, қарияга тавозе билан узатибди...

Бу баённи ўқиган ҳар бир одам боласининг шундай баодоб бўлишини истайди. Ёки фарзандининг дўстлари шу бола каби бўлишини орзу қилади. Лекин...

Кўчада болаларнинг ўйинини ҳаммамиз кўрганмиз, аммо кўпинча эътиборсиз ўтиб кетишга одатланганмиз. Келинг, энди тасаввуримизда бўлса ҳам уларнинг ўйинини синчиклаб кузатайлик:

Кўчада ёки майдончада болалар ўйнашяпти. Ёшлари бир ҳил эмас. Ёш болалар ҳам, ўсмирлар ҳам бор. Бир уйдан Али исмли бола чиқиб келади. Ўйиндагилар уни қувнаб қарши олишади. Бир оздан кейин бошқа уйдан Вали чиқиб келади. Ўйиндагилар унга эътибор ҳам беришмайди. У болаларга яқинлашади. Валини «нари тур», дейишмайди. Чунки Вали асли ёмон бола эмас. Лекин айни чоқда болалар учун унинг пайдо бўлишидан кўра ўйин қизиқроқ. Хўш, бу икки болага нисбатан бўлган муносабатнинг сири нимада?

Сиз, муҳтарам тарбиячи, ўз фарзандингизга нисбатан кўчадаги ёки мактабдаги тенгдошларининг муносабати билан ҳеч қизиқиб кўрганмисиз? Болалар сизнинг ўғил ёки қизингизга Алини қувониб кутгандай пешвоз чиқишадими ё Валини қаршилагандай эътиборсиз бўлишадими? Эҳтимол уни ўйинга қўшгилари келмас, эҳтимол ундан безиб қолгандирлар. Балки у болаларнинг ота-оналари ҳам сизнинг фарзандингизни ёқтиришмас. Сиз «Али билан ўйнама, у ёмон бола», деганингиз каби улар ҳам «Вали билан ўйнама», деб тайинлашгандир? Агар биров сиздан «Ўғлингизнинг дўстларини танийсизми?»- деб сўраса, жавобга қийналмайсиз. «Ҳа, биттаси Болтавой, яна биттаси Тешавой»,- дейсиз. Сизнингча шу танишликнинг ўзи кифоя. Ҳафсала қилсангиз унинг ота-онаси билан қизиқарсиз.

Қизиққанда ҳам биринчи галда уларнинг қаерда ишлаши сиз учун муҳим бўлади. Агар яна ҳафсала қилсангиз ўғлингиздан «ўртоғинг яхши ўқийдими?»- деб сўраб қўярсиз. Сиз «ўғлим нима учун Али билан эмас, Болтавой билан дўстлашиб юрибди? Болтавойнинг қандай фазилати ўғлимга ёқиб қолибдийкин?»- деб ўйлайсизми? Бу дўстлик фарзандингизга нима беради? Ақлини бойитадими? Ёки аксими? Дўстликка интилиш ким томонидан бошланган - Болтавой томониданми ёки фарзандингиздами? Улар боғлаб турган нарса чириган ипми ёки пухта занжирми? Унинг номи нима - адолат, меҳр-оқибатми ёки худбинликми?

Тан олаверайлик, бу нарсаларни ҳаммамиз ҳам ўйлайвермаймиз. Айтайлик, фарзандингиз кейинги кунларда ғамгин бўлиб қолди. Бировга қўшилгиси келмайди, гаплашишни истамайди. Саволга қўрс жавоб беради. Сиз буни сезасиз ва навбатдаги тарбиявий соатларни бошлайсиз. Аввалроқ айтганимиздай, тарбиянгиз насиҳат ўқишдан иборат бўлади. Насиҳатлар кор қилмагач, жазолашга ўтасиз. «Фарзандингиз хасрат ўтида куйяпти, руҳи азоб чекяпти, десак, «ёш болада хасрат нима қилади, руҳий азобни тушунадими?!» деб бизни жеркиб берарсиз балки. Фарзандингизга бир қаранг-чи, у энди ёш бола эмасдир, ўсмирдир? Оқ билан қорани ажрата бошлагандир? Бу ёшда болада сиз билан биз кутмаган кучли хасрат тўлқини айнан дўст масаласида бош кўтаради. Дўстлар даврасига қўшила олмаслиги у учун оғир мусибатдир.

Бошланғич синфларда боланинг ўқитувчиси асосан битта бўлади. Сўнг муаллимлар кўпая боради. Бу дегани ҳаётга, хусусан дўстликка бўлган қарашлар тури ҳам ошади. Бошланғич синфдаги дўстлик талаблари билан ўсмирликдаги талаблар ҳам бошқа-бошқа. Бола кичиклигида катталар унга кўпам эътибор бераверишмайди. Ўсмирлик ойлари бошландими, насиҳат қилувчилар кўпайиб қолади. Ота-она уйга келган меҳмондан «Жиянингизга насиҳат қилинг, яхши ўқисин, қўрс бўлмасин»,- деб илтимос қиладилар. Айрим меҳмонлар «Мен болангизнинг феъл-атворини, нималарга қизиқишини билмайман, менинг насиҳатим ўринли бўлармикин»,- деб ўтирмай, мезбоннинг лутфидан илҳомланиб кетиб, гапни бошлаб юборадилар.

Боғча болаларининг ўзаро ўйинларида айрим қизлар худди мураббиялари каби бошқаларни тергайдилар. Боғча опалари қандай бақирсалар, қандай уришсалар булар ҳам айнан қайтарадилар. Бола улғайгани сайин бу муносабат мураккаблашиб бораверади. Ўсмирнинг вақти энди кўпроқ ота-онаси билан эмас, ўртоқлари билан ўтади. (Сиз ҳам бир чамалаб кўринг, фарзандингиз кунда умумий ҳисобда неча соат сиз билан бирга бўларкин?) Шунинг учун ҳам баъзан сизга ўз ўртоғига қилган муомалаларини қайтаради. Сиз эса «Мен сенинг ўртоғингманми?»- деб ғадаблайсиз.

Бир аёл қўшнисига айтяпти:
-Майдончада ўйнаётган болалар орасида Болтавойингизни кўрдим. Нақ генералнинг ўзи-я! Ҳаммага буйруқ беради: «Сен у ёққа ўт, сен чиқиб тур»... Бола бечоралар ҳам индамай қулоқ солишади.
-Менинг Болтавойим-а?-деб ажабланяпти она.- Адашаётгандирсиз. Менинг болам мўмин-қобил. Уйда чурқ деган овози чиқмайди. Бировга буйруқ берадиганларданмас у.

Она ўғлининг бошқаларга буйруқ беришини тасаввурига сиғдиролмади. Лекин уйдаги аҳволни ҳам таҳлил қилиб кўрмади. Бу уйда ҳамма: бобо ҳам буви ҳам, ота-она, ака-опалар ҳам Болтавойга буйруқ беришади. У уйидагиларга итоат этгани ҳолда ўзи ҳам бошқаларга буйруқ беришни ўрганарди.

Бошқа бир хонадонда ўзгачароқ ҳолатни кузатамиз. Қизчани уйда ҳамма эркалатади. Унинг айтгани - айтган, дегани - деган. Хоҳлаган нарсаси муҳайё. Уни бувиси «Хонзодахон», деб алқайди. Оилада нақ малика мақомидаги Хонзода мактабда бутунлай бошқа - қуйироқ мартабада. Талтаймайди, бошқаларга хукмини ўтказмайди, аксинча, ўзидан ёши каттароқ ва эътиборлироқ қизларга бўйсунади.

Бу ўринда ўзаро муносабатларнинг икки ҳил тизимини кузатамиз: биринчиси - «ўсмир -катталар», иккинчиси - «Ўсмир -ўсмир». Буларнинг ҳар иккиси бола учун икки олам. Бирида у тобе, кузатади, ўрганади, маъқулини танлайди. Иккинчисида ўрганганини тадбиқ этишга уринади. Шу боис ўсмирнинг тенгдошларига муносабати катталарнинг эътиборидан четда қолмаслиги керак. Бу шунчаки ўзаро муносабат эмас, оддий ҳаракатлар замирида ҳам жисмоний ҳам руҳий-маънавий кураш мавжуд. Бола тенгқурлари билан бўлган бу ғойибона олишувда ўзининг нималарга қодир эканини англаб боради. Бу жараён унга қизиқарли туюлиб, ғайрати ошиб бориши ҳам мумкин. Ёки аксинча, тенгқурлари орасида ўзи хоҳлаган мақомга эришолмаслигига кўзи етса тушкунликка тушади, одамовиликни касб қилади. Ўртоқларининг таъсирида фарзандингиз бирданига ўзгариб қолиши мумкин. Сиз тарбия соҳасида эплолмаган ишни ўртоқлари амалга ошириб берса ажабланиб юрасиз. Сиз ўғлингизнинг жисмоний тарбия билан шуғулланишини, соғлом, бақувват ўсишини истайсиз. Лекин танбал ва эринчоқ болангиз сўзингизга кирмайди. Ўзингизча куйиб юрганингизда бир куни эрталаб қарайсиз-ки, у барвақт ўрнидан туради, кўчага чиқиб югуради. Сиз ажабланасиз, сабабини аниқламоқчи бўласиз.

Дўстларнинг таъсирида бола яхши томонга ўзгаргани каби ёмон томонга ҳам бурилиши ҳеч гап эмас. Ўша эрталабки бадантарбиядан мақсад фақат чиниқиш эмас, балки ёмон мақсадларга тайёргарлик бўлишини сиз у дамда тасаввур қила олмайсиз.

Ота-она дўстга нисбатан тўғри танбеҳ берса ҳам фарзанд буни ўз вақтида қабул қила олмайди. Фозиллардан бирининг айтмиш сўзлари диққатга молик:

«Ўсмирлик чоқларим бир йигитча билан дўст эдим. У ҳушчақчақлиги билан мени ўзига ром қилган эди. У билан юрганимда сира зерикмас эдим. Лекин у ўрни келиб қолса ўғирлик қилишдан қайтмасди. Мен буни билардим ва уни бу йўлдан қайтариш учун кўп насиҳат қилардим. Отам ҳам дўстимнинг иллатини сезганлар шекилли, менга бир неча марта:

«Ўғлим, бу ошнангдан яхшилик чиқмайди, дўстлик алоқангни уз», деб танбеҳ бердилар. Бироқ, мен ўз билганимдан қолмадим. Бир куни кўчада кетаётган эдик. Дўстим бир сакраб бегона боғнинг деворидан ошди. Боғ эгасининг ити ҳуриб қолди. Хизматкорлар кўринди. Мен ҳам ўртоғимга қўшилиб қочдим. Далада чўпонларнинг итига рўпара келдик. Хуллас, бизни ўғри гумон қилиб ушлаган чўпонларга кимлигимизни билдириб, аранг қутулдик. «Бўлма ножинс билан ошно, бўл ўзингга эҳтиёт», деганларидай мен отамнинг насиҳатига амал қилдим ва у билан дўстлик алоқамни уздим...»

Бир йигитча ёки қиз ўғлингизни ёки қизингизни чақириб келди. Сиз уни яхши танимайсиз, лекин ташқи кўриниши сизга ёқмади. Сиз фарзандингизга хавф солувчи кўча таъсирдан ҳавотирда бўлганингиз сабабли уни эҳтиётлаш мақсадида «ўғлим (ёки қизим) уйда йўқ», деб юборасиз. Буни фарзандингиз эшитиб туради ва сиздан ранжийди. Бу ранжиш ошкора равишда бўлиши мумкин: болангизнинг «Нега ундай қилдингиз?»- деган танбеҳига сиз «Ҳар хил қаланғи-қасанғи чақириб келса чиқиб кетаверасанми?»- деб қўполлик билан жавоб қайтарганингизни ўзингиз ҳам сезмай қоласиз. Шунда фарзандингиз дардини ичига ютар ёки яна гап қайтарар: «Сиз унинг кимлигини билмайсиз, у яхши бола!» Шунда сиз донолик қиларсиз: «Мен одамнинг башарасига қараб кимлигини дарров биламан. Ярамаслигини афти-ангори айтиб турибди. Бунақаларга яқин юрма...» Шундай ҳолларда ўзаро қўрслик анча давом этиши мумкин. Ёки болангиз сиз билан гап талашиб ўтирмай шарт уйдан чиқиб, ўртоғига етиб олиши, ундан узр сўраши ҳам эҳтимол. Агар сизни ўртоғига ёмон кўрсатгиси келмаса «Ухлаб ётувдим, онам (ёки отам) уйдалигимни билмабдилар»,- деб ёлғон воситасида ҳимоя қилади. Демак, сиз тўқиган ёлғон иккинчи ёлғонни туғдирди. Сизнинг ёлғонингизда ғараз мавжуд.

Фарзандингизникида эса ҳиммат борга ўхшайди. Аслида эса унинг ёлғони замирида «Мен сен ўйлагандай ёмон одамларнинг боласи эмасман», деган ҳақиқат ётади. Сизнинг ёлғонингиз болангизни сергаклантириб қўяди. Агар ўртоғи «ертага уйингга кириб чақириб ўтаман, футболга бирга борамиз»,- деса унинг юраги бир титрайди-да: «Уйимга келиб овора бўлма, фалон ерда учраша қоламиз»,- дейди. «Онамнинг (ёки отамнинг) ёмон одатлари бор, уйимга келсанг мени «йўқ», деб юборадилар»,- деб ҳақиқатни айта олмайди. Бу ўткинчи нарсалар эмас, балки ота-она билан фарзанд орасидаги зиддиятларнинг тобора авжга чиқа боришидир. Бу худди ер остида куч тўплаётган вулқонга ўхшайди. Хамонки, вулқон куч тўплар экан, бир кунмас бир кун портлайди. Фарзандингизнинг портлаши қандай бўларкин? Сизга қараб бақириб берадими ё уйдан чиқиб кетадими? Учинчи йўлдан Худонинг ўзи асрасин...

«Ҳадеб болангнинг кўнглига қарайверма», деган ўгитни ҳаммамиз биламиз ва ҳаммамиз бу насиҳатга амал қилмаймиз. Айниқса пулдорлар бу ўгитни эшитгилари ҳам келмайди. Агар танбеҳ берсангиз, «Мен шу нарсаларни кўрмай ўсдим, болам кўрсин»,- деб ўзларини оқлашади. Болани ғоят талтайтириш, ғоят яхши кийинтириш, бошқалардан ажратган ҳолда ўстиришнинг ҳалокатли жиҳатларини биздан аввалги тарбиячилар кўп таъкидлашган. Худо хоҳласа, биздан кейин ҳам қайта-қайта гапирилади. Биз болалар ва ўсмирларни тарбиялашдаги машаққатларни ёзиб ўтирибмиз. Болага нисбатан ота-онани тарбиялашнинг ғоят оғир эканини айтмасак ҳам бўлар. Болага ҳаддан ташқари оро бермоқлик уни худбинлик, кибр тўрларига ўрабгина қолмай дўст танлашда ҳам адаштиради. Унинг атрофида чин ўртоқлар эмас, манфаат дўстлари тўплана бошлайдилар. Бундай бола улғайганида чинакам дўст тополмай қийналади. Дўст ниқобидаги мунофиқ ва хоинлардан азият чекади.

Каминага бир одам отасининг донолиги хусусида сўзлаб берган эди. У кишининг отаси савдо ходими бўлган экан. Отасининг пулдорлигини билган йигитча эркаликлар қилиб тураркан. Бир куни у «Ота, менга магнитофон олиб беринг», деб хархаша қилибди. Отаси:
-Магнитофон олиб берсам, ўртоғинг Эшматга ҳам бериб турасанми?-деб сўрабди.
-Нега берарканман, бермайман, ўзининг отаси олиб берсин,-дебди йигитча.
-Шундай хаёлинг борлиги учун ҳам олиб бермайман-да. Эшматнинг отаси рўзғорини зўрға тебратади, ўғлига магнитофон олиб беролмайди. Мен сенга олиб берсам, ўртоғингнинг кўнгли оғрийди. Сен қизғаниб, бермасанг, ораларингдаги ўртоқчилик узилади. Яхшиси томорқада икковинг деҳқончилик қилларинг, етмаганини мен қўшаман,- ота шундай деб, деҳқончиликка ҳам ўзи бошчилик қилибди.

Ота бир ўқ билан икки, балки уч қуённи урди, десак муболаға бўлмас. Аввало икки йигитчанинг дўстлигини сақлабгина қолмай, уларни меҳнат орқали янада яқинлаштирди. Яхши кўрилган нарсага меҳнат туфайли етишмоқ афзаллигини амалда исбот этди. У киши ота мақомидан ўсиб, фарзанди ва унинг ўртоғи учун дўст мартабасига чиқди. Ўсмир ёшидаги қизми-ўғилми, аввал айтганимиздай, айнан шундай дўстга муҳтож бўлади. Биз баъзан фарзандимиздан ранжисак: «Мен сенинг ўртоғингманми!»- деб жеркиб берамиз. Озгина фикр қилиб кўрайлик: эҳтимол фарзандимизга чин дўст бўлганимиз маъқулроқдир? (Аввалги бобда ҳам бу хусусда қисқа тарзда бўлса-да, сўз юритиб эдик, ёдингиздадир?)

Бир қадрдонимиз кўпчиликни ўйлатиши мумкин бўлган воқеани сўзлаб берди: қадрдонимиз катта ўғлиникига борганида қирқ ёшли ўғли билан ўн тўққиз ёшли набирасининг ўзаро баҳсларига гувоҳ бўлибди. Набирасининг фикрлари унга маъқул келса-да, баҳсга аралашиб, ўғлига танбеҳ беришни лозим топмабди. Баҳс ниҳоясига етиб, набира чиқиб кетгач, ўғлига қараб: «аввало, сен ноҳақсан, болангнинг фикрлари тўғри, ҳамонки баҳслашишга ўрин бердингми, мағлубиятингни ҳам тан олишга мажбурсан.

Боланг билан баҳслашмасанг янада яхши»,- дебди. Ўғил бу танбеҳга жавобан кулимсираб: «Ада, худди шу масалада сиз билан мен икки хил йўлдамиз. Мен неварангизга фақат ота эмасман, у билан дўстман. Биз кўп баҳслашамиз. Мен унга тўла фикр эркинлигини берганман. Болалигимизни эслаб кўринг: сиз биздан фақат талаб қилардингиз, муомалангизда кўпинча дўқ-пўписа оҳанги бўларди. Сиздан қўрқишимизни истардингиз. «Дарс тайёрладингми?» «Айтиб кетган ишимни бажариб қўйдингми?» Сиз билан гаплашадиган гапимиз фақат шу эди. «Ўғлим, ҳаёт сўқмоқлари жуда нотекис бўлади, эҳтиёт бўлиб юр, қоқилиб кетма», деганингизни эслайсизми? Эслолмайсиз. Мен ўғлимни ҳаёт ҳақиқатларини билиб ўсишини истаганим учун шунақа баҳсларга чорлаб тураман. Сиз тўғри айтдингиз - неварангиз ҳақ эди. Мен атайин нотўғри фикримда қаттиқ турдим. Ахир ҳаётда оқни қора деб қайсарлик қилиб турадиганлар оз эмас-ку?»- дебди. Қадрдонимиз ўйлаб қараса - ўғли ҳақ экан. Аччиқ ҳақиқат олдида лол қолибди.

Биз ҳам ўйлаб кўрайлик-чи, фарзандларимиз иқболи йўлида эҳтимол озроқ бўлса-да чекинишимизга тўғри келар? Энди яна мавзуга қайтсак:

Али болаликдан мўмин бўлиб ўсди. Хархашалари кам эди. Боғчага боришда ҳам дод солмасди. Расмли китобларни варақлаб ўтиришни яхши кўрарди. Мактабга боргач, тенгқурларига қараганда яхши ўқиди. Ота-она муаллимлардан фақат раҳмат эшитишарди. Сал улғайгач, техникага қизиқди. Радио-телевизор тузатишни ўрганиб олди. Отаси ёрдамида автомобил сирларини ҳам ўргана бошлади. Унинг хотираси ўткир эди, дарс тайёрлашга қийналмасди. Техникага оид чизмаларни ҳам тез ўрганарди. Аммо у кўчага кам чиқарди. Тенгдошлари билан кам ўйнарди. Болалар ҳам Алини сафларига чорлашмасди. Ота-она бундан аввалига қувонишди, «кўчадаги ёмонларга қўшилмагани дуруст», деб ҳисоблашди. Аммо кейинроқ ўйлаб қараб, хавотирга тушишди. Ўғиллари ўсмир ёшига етибди-ю, битта дўст орттирмабди.

Бирон бола уларнинг эшигини тақиллатиб: «Али, юр, ўйнайсанми?» деб келмабди. Сайргами, киногами, футболгами... таклиф қилиб, чақиришмабди. Оқибат боланинг ёлғизланиб қолишидан чўчиган ота-она мактабга боришиб, муаллимлар билан маслаҳатлашишди. Турли йўлларни мулоҳаза қилишди. Ниҳоят, мактабда радиоҳаваскорлар тўгарагини очиб, унга Алини раҳбар этиб тайинлайдиган бўлишди. Бу таклиф Алига ҳам, бошқа болаларга ҳам маъқул келди. Али аввал ўртоқлари билан яқин эмаслигидан қайғурмасди. Таъбир жоиз бўлса, унинг ўз осмони мавжуд эди ва бу осмонида ёлғиз сузиб юриш унга роҳат бахш этарди. Радиотўгарак баҳонасида у ўзи яратган осмонидан «пастга тушди», тенгқурлари билан яқинлашди. Ўзини қайта кашф этди. Аввалги ёлғизлик асосига қурилган ҳаёти энди зерикарли туюла бошлади. Ўсмирда жонланиш сезилди.

Валининг ҳаёти аввалига Алига ўхшарди. У ҳам яхши ўқирди, вақтини кўпроқ уйда ўтказарди. Отаси ишдан бўш вақтида расм чизишни яхши кўрарди. У чойхонада ёки бошқа маишатларда вақт ўтказадиганлар тоифасидан эмасди. Валининг кўпроқ уйда бўлишидан қувониб, «ўғлим ўзимга ўхшади», дерди. У ўғлининг уйда бўлишидан қувонарди-ю, бироқ, фарзандининг қизиқишларига бефарқ қарарди. Ўғлининг ўртоқлари йўқлигини бу ота фаҳмламади. Мактабга бормади. Мактаб муаллимлари одатда бевош болаларнинг ота-оналарини йўқлаб туришади. Яхши ўқийдиган, тўпалон қилмайдиганларнинг ота-оналарини чақиришмайди. Улар ҳам ўзларича «боламнинг мактабдаги аҳволи қандай экан?» деб қизиқиб келишмайди. Вали уйда ота-онаси билан бирга бўлса-да, ўзини ёлғиз сезади. Мактабда ҳам, кўчада ҳам болалар билан тил топиша олмайди. Оқибат у сиқила бошлайди. Болаларнинг эътиборини ўзига тортишни истайди. Афсуски, бошқаларнинг эътиборини тортишга арзигулик алоҳида қобилият унда йўқ эди.

Унга йўл кўрсатувчи ҳам бўлмади. У ўзи йўл топишга уринди. Ўртоқлари қатнайдиган тўгаракларга унча қизиқмаса ҳам бораверди. Аста-секин ундаги бефарқлик қизиқишга айлана борди. Шундай бўлди-ки, тўгараклардаги машғулотлар унинг учун асосий бўлиб қолди. Ҳатто ўқишда пастлашиш сезилди. Уйда кам ўтирадиган бўлди. Ана шунда унинг ота-онаси мактабга чорланди. Валидаги ўзгаришдан ота-она ҳам, муаллимлар ҳам ҳайрон. Вали уйда қайсар, гап қайтаради. Мактабда эса одобли. Ўқитувчининг гапларини диққат билан тинглагани ҳолда, уйда дарс тайёрламай қўйган. Бу қандай ҳол?

Валининг ота-онаси Худога шукур қилса ҳам бўлади. Фарзандлари уйда ўзига нисбатан эътибор топа олмагач, кўчада «зўр»лар тўдасини танлаши ҳам мумкин эди. Энди унинг мактабда бошқа, уйда бошқа одобга риоя қилишига келсак, ҳар қандай бола каби Вали учун ҳам кўпчилик орасида, айниқса қизлар ҳузурида катталардан танбеҳ эшитиш оғир. Катталарнинг гапи жамоа фикрига айланиб қолиш хавфи мавжуд. Шу сабабли болалар, айниқса ўсмир ёшида жамоадаги катталар билан зиддиятга бормасликка ҳаракат қиладилар. Уйда зиммаларида бундай масъулият йўқлиги учун ўзларини эркин тутадилар.

Дилобарнинг ҳаёти Алиникига ҳам, Валиникига ҳам ўхшамайди. Қизча боғча ёшиданоқ атрофидагилар билан тезгина тил топишиш фазилатига эга бўлган. Мактабда эса синфдагиларнинг жону дили эди. Қизлар ҳам, ўғил болалар ҳам унга интилишган. Дилобар «сен қора, сен пучуқ», деб болаларни хилларга ажратмаган, барча билан тенг дўстлашган.

Синфдошлари ўзларига хос бўлган сирларини унга айтиб, маслаҳатлар сўрашган. Дилобарнинг уйи ҳамиша ўртоқлари билан гавжум бўлган. Чунки унинг онаси болаларга меҳрини аямаган. Шунга қарамай, ўсмирлик оламига ўтаётган қизнинг муомаласида, дўстларга нисбатан муносабатида ўзгариш сезилган. Энди атрофидаги болаларни у фақат синфдош сифатида қабул қилмайди, қиз учун уларнинг фазилату иллатлари муҳим бўлиб қолади. Дилобар дугоналарини зимдан кузатади. Уларнинг аввал сезилмаган иллатларини энди билади. «Гулчеҳра яхши қиз, лекин жаҳли бурнининг учида туради, арзимаган нарсага дарров ранжийди. Аразчи билан ҳеч кимнинг дўстлашгиси келмайди. Моҳира яхши қиз. Лекин... мен ундан ҳеч қандай сиримни яширмайман. У негадир мен билан очиқ гаплашгиси келмайди...» Қизнинг сезгир нигоҳи адолатсизликни, ғурурнинг поймол бўлишини четлаб ўтолмайди. «Мурод ўзидан зўрроқ болаларнинг малайига айланиб қолибди. Наҳотки ўғил бола бўла туриб шунақа паст кетса?!» Дилобарнинг ўғил болалар билан бўлган муносабати бир оз оғирлашди. Йўқ, у ўзини четга тортмади. Фақат унинг муомаласида бўйи етган қизга хос ибо ва ғурур мавжуд эди. Синфдош ўғил болалар қизлардаги бундай ўзгаришни дарров фаҳмламайдилар. Чунки улар бу оламга қизлардан сал кечроқ кириб келадилар. Мана шу тафовут улар орасидаги ўзаро муносабатга салбий таъсирини ўтказади.

Дилобар атрофидагиларга ўзгача талаб билан қарай бошлади. Айниқса тенгқурларининг феъл-атворларини, ақл-фаросат даражаларини назардан қочирмайдиган бўлди. Тенгқурларининг яхши-ёмон одатларини ўзича таҳлил қилди. Атрофидагилар орасидан фикрдош, сирдош излай бошлади.

Дилобарнинг бу ўзгариши оилада ҳам сезилди ва у ўзини катталар сафида кўрди. Онаси қизининг катталар сари интилишини фаҳмлаб, унга пешвоз чиқди, «сен ҳали ёшсан», демади, фарзандининг ишончини қозонди, унинг сирдошига айланди. Дилобарнинг мустақил фикрлашга интилиши, бирон масалани мустақил ҳал этишга уринишига монелик қилмади.

Тоштемир биринчи синфданоқ яхши ўқиди. Одобли бўлди. Катталар чизган чизиқдан чиқмади. Ҳар бир мажлисда мақталади, бошқаларга ўрнак қилиб кўрсатилади. Болалар билан бирга бўлган Тоштемирнинг чин ўртоғи йўқ эди. Ҳадеб бошқаларга ўрнак сифатида кўрсатилиши болалар билан унинг ўртасига ғов бўлиб тушганди. Бу ғовни билибми билмайми катталар тиклашган эди. Бошланғич синфларда Тоштемир бунга унчалик эътибор бермасди. Болалик оламидан хайрлашган кезлари бу ғовнинг азобларини ҳис қила бошлади. У тенгқурлари орасида ёлғиз яшай олмаслигини англади. Ана шунда «Нега мен бошқачаман, нега бошқалар каби эмасман, нега мен бошқаларга ўрнак бўлишим шарт, нега мен бошқалардан ўрнак олмаслигим керак?» деган муаммога ўзича жавоб излади. Топди ҳам: «Бошқалар қандай бўлишса мен ҳам шундайман!» У энди шундай яшашга интилди: дарсда гаплашиб ўтиради, баъзи дарсларга умуман кирмайди. Аълочи боланинг давомати сезиларли равишда пасайди. Ҳатто сўкишни одат қилди. Синфдош қизларнинг танбеҳига эса «Нима, менинг бошқалардан кам ерим борми?»- деб жавоб қайтарди. У оёқ-қўлларини боғлаб турган «бошқаларга ўрнак бўлиш» занжиридан шу таҳлитда қутилиб, ўзини эркин сезди. Янада тўғрироқ ифода этсак, бевошлик шамолида боши айланди. Дастлабки кунларда интизомнинг бузишларидан, катталарнинг норозиликларидан ўзи ҳам лаззатланди. Буни у улғайиш, катталар сафидан ўрин олиш деб билди: «Нима, мен ёш боламанми, ким нима деса «хўп», деявераманми?». Аммо бевошлик шамоли унинг бошини кўп айлантирмади. Вақт ўтиб, энди у ўзининг ҳатти-ҳаракатига разм солиш баробаринда ўртоқларига нима ёқиши-ю, нима ёқмаслигини, катталар олами билан тенгдошлари олами орасидаги фарқни фаҳм эта борди. Гарчи катталар олами ўзига махлиё этса-да, унда ҳукм сурувчи қоида: «Сен кичкина - мен катта», бездириб, ўртоқлари даврасига ошиқарди. Бу оламдаги «Тенг - тенги билан» қоидаси уни кўпроқ қониқтирарди. Ҳар бир ўсмир ўзи учун сув билан ҳаводек зарур бўлган тенглик, бир-бирларига садоқат, бирдамлик, ҳамжиҳатлик руҳини катталар орасидан эмас, ўз оламидан топади. Тўғри, биз - катталар ҳам бу фазилатларни қадрлаймиз. Фақат бундай лутфимизни ўзимизнинг дўстларга ёки катталаримизга кўрсатамиз. Кичиклардан - фарзандларимиздан эса дариғ тутамиз.

Яна Тоштемирга қайтсак, у ўзида йўқ, синфдошларида мавжуд чаққонликни, кучни, саботни ҳам қадрлайдиган бўлди. Бу ўсмир учун ўзига ҳос кашфиёт эди ва у мазкур кашфиётидан роҳатланди.

Тоштемирнинг аълочи ва ўрнак бўлувчи боладан ҳамма қатори турли қусурларга эга ўсмирга айланиши ота-онани бефарқ қолдирмайди. Уни яна аввалги мақомга қайтаришга уринишлар бўлади. Бундай уринишлар кўп ҳолларда бесамар якунланади. Чунки фарзандини яна ибратли бола мақомида кўришни истаган ота-она (ёки муаллим) болалик олами билан ўсмирлик оламидаги талаб-қоидалар ўзга-ўзга эканини ҳисобга олишмайди. Боланинг мақоми интизоми, ҳулқи, яхши ўқиши муаллим томонидан баҳолаш билан белгиланади. Муаллим: «Болалар, синфдошингиз Тоштемирдан ўрнак олинг», дедими, демак у яхши экан. Болалар муаллимнинг баҳосини ҳақиқат ўрнида қабул қиладилар. Ўсмирлик оламида эса муаллимнинг баҳоси ававалги қудратини йўқотади. Тоштемирдан ўрнак олиш мумкинми ё йўқми, буни болаларнинг ўзлари ҳал қиладилар. Тенгдошлари орасида обрўни сақлаш учун фақат аълочи ва интизомли бўлишнинг ўзи кифоя қилмайди. Ўқитувчига чақимчилик қиладиган, ўртоқлари дарсдан қочганда, уларга қўшилмай синфда қоладиган боладан тенгқурлар нафратланишади. Агар муаллим ёки мактаб директори дарсдан қочганларни уришиб, қочмаганни мақтаб, бошқаларга ўрнак қилиб кўрсатса уларнинг нафратлари янада ошади. Чунки улар буни ибрат ўрнида қабул қилишмайди, балки дўстга хоинлик деб ҳисоблашади. Бошланғич синфларда аълочилиги учун синфнинг эркасига айланган бола энди ўртоқларининг уй вазифаларини беминнат бажариб берадиган дастёрга айланиши ҳам мумкин. Агар дастёрлик қилмаса, мақтанчоқ, дўстга бевафо саналиб, тенгқурлари даврасига қўшила олмайди. Унинг гапи мутлақо эътиборга олинмайди.

Ўсмирлик олами ўз ҳукмини ўтказа бошлагач, синфда ўзига хос гуруҳлар пайдо бўлади. Бир неча бола «зўр»ликка даъво қила бошлайди. Бу «зўр»лар турли авлодда турли номлар билан аталади. Ҳозир синфдаги болаларнинг мавқеи «биринчи пахан, иккинчи пахан» деган номлар билан белгиланаркан. «Биринчи пахан» бўлиш учун яхши ўқиш, интизомли бўлиш мутлақ шарт эмас. Энг муҳими - кучли ва катталарга бўйсунмасликда ибрат бўлиш керак. Мазкур мавқе белгиланишида отанинг бойлиги ҳам инобатга олинади. Агар отаси бой бўлса-ю, ўзи кучда, иродада, мардликда оқсаса у «биринчи пахан»ликка даъво қилолмайди. Ўзининг атрофида кичикроқ гуруҳ ташкил қилиб, «биринчи» билан муросада яшайди. Агар биринчи камбағалроқ оиланинг фарзанди бўлса, моддий рағбат ҳисобига унга хизмат қилади. Ҳар бир синфнинг ўз «пахан»и бўлгани каби мактаб бўйича ҳам «пахан»лар мавжуд. Биринчи, иккинчи, учинчи...лар мутлақ ҳоким бўлиш учун турли йўллар билан кураш олиб борадилар. Баъзан бу курашга мактаб учун бегона бўлган кўча болалари ҳам жалб қилинадилар. «Биринчи пахан»нинг мавқеини кўча томондан бўлажак қувватлаш ҳам белгилаб туради.

Ўсмир ёшига етган болалар катталар орасидаги ўзларига ёққан одамлардай бўлишга интилишларини биламиз. Қизлар гўзал артистларга тақлид қилишади, улардай кийинишни, ўзларига оро беришни исташади. Ўғил болалар кучли шахсларга ихлос қўядилар. Уларнинг тақлидлари бу билан кифояланмайди. Улар ўзларининг тенгдошлари орасидаги айрим болаларга ҳам ихлос билан қарайдилар. Уларнинг одат ва одобларини ўзларига сингдиришга уринадилар. Айниқса «пахан»лар атрофида бирлашадиган болаларда бу кучли сезилади. «Пахан» уларга «ҳариф» деб мурожаат этса, демак, уларнинг тилидан ҳам бу сўз тушмайди. Бу билан «пахан»га яқинликларини намойиш этмоқчи бўлишади.

Авваллари бундай «пахан»ларга қарши «коллективизм» - яъни, жамоа таъсири мавжуд эди. Пионер ва комсомол ташкилоти, Коммунистик мафкура билан «қуролланган» пионер ва комсомол ташкилоти буларга қарши турарди. Улар ўзларини эркин ҳис қила олмас эдилар. Ҳозир уларга қарши фақат синф раҳбаригина бор. Ҳали шаклланишга улгурмаган болалар ташкилотининг мавқеи эса сезиларли даражада эмас.

Ҳикоя қилаётганимиз Тоштемирга қайтсак, синфдоши Зафарнинг мардлиги, ростгўйлиги, энг муҳими мақтанчоқ эмаслиги уни ўзига тортди. Зафар ўқишга бефарқ эди. Тоштемир буни биларди. «Зафар агар истаса яхши ўқиши мумкин», деб ҳисобларди. Бу фикрини ота-онасига тушунтира олгани учун ҳам Зафар билан дўстлашишига монелик бўлмади.

Ўзига дўст танлаш, кимгадир яқинлашиш, кимдандир узоқлашишни ўсмир учун «қил кўприк» деб атасак ҳам бўлар. Бу қил кўприкда сал тойдими, тамом «жиноят олами» деб аталувчи жарга қулаши ҳеч гап эмас.

Келинг, яхшилик билан тугаган ҳикояларимизни бошқачароқ тасаввур этайлик:

Алининг ота-онаси унинг ёлғиз экани, дўсти йўқ эканини сезишмади. Мактабга ҳам боришмади. Радиотўгарак ҳам очилмади. Алининг техника соҳасида иқтидори борлигини сезган кўча «зўр»ларидан бири аввал ундан телевизорини тузатиб беришни илтимос қилади. Кейин яна шунга ўхшаш илтимослар билан мурожаат этиб, уни ўзига яқин ола бошлайди.

Али ўзича яхши дўст топгандай қувонади. «Зўр» учун Али дўст сифатида эмас, жиноятга оид ишларини амалга оширишда мутахассис сифатида керак эди. Катта ўғирликни мўлжаллаган одам илгари замонлардагидай том ошиб, девор тешиб юрмайди. Киноларни кўравериб, кўзлари пишиб кетган. Энди унга электроникани пухта биладиган зўр мутахассислар лозим. Али аста-аста унинг тўрига ўрала боради-ю, кейин чиқиб кета олмайди. Чиқай деса, калтакланишдан чўчийди, ўлдириб кетишларидан қўрқади. У иложсиз, суянадиган дўстлари йўқ, ота-онасининг ҳимоя қила олишига эса ишонмайди. Тасаввуримиздаги ҳолатда унинг қилкўприкдан ўтаётганини тарбиячи сезмай қолди. Али жарга қулади.

Валининг тақдири ҳам шундай бўлди. У кўча «зўр»ларига аралашиб юрувчи ўртоғи билан каратега борди. Муштлашиш санъатини ўрганди. Ўзини ҳимоя қилиш учун эмас, ҳужум қилиш учун, ўзгаларга зулм қилиш учун ўрганди. Тарбиячи «ўғлим чиниқяпти», деб ҳотиржам юрди. Чиниқиш бошқа томондан бўлди ва якуни... ўзингиз тасаввур эта оларсиз.

Дилобар дугоналарининг ҳулқ-атворини таҳлил қилганида Хонзодага маҳлиё бўлди. Доим чиройли кийиниб юради, юқори синфдаги ўғил болалар ҳам унинг атрофида парвона. У эса бу болаларни менсимайди. Хонзода эса Дилобарнинг ўзига маҳлиё эканини сезиб, яқинлашади. Дилобар - чиройли қиз. Отасининг топиш-тутиши ҳам яхши. Хонзода дугонасини кўча томон бошлайди Аввал дискотека... ундаги хурсандчиликлар. Келишган, пулдор йигитларнинг хушомадлари... Энг муҳими - унга ёш қизча, деб эмас етилган қиз эканини тан олиб муомала қилишлари... Бу қиз ҳам қил кўприкдан ўта олмади...

Тоштемирнинг ҳам қисмати шундай бўлиши мумкин эди. Агар Зафар кўча томон оғса, Тоштемир ҳам иккиланмай унга эргашарди. Аввалги «аълочи, одобли» деган мартабалари уни бу йўлдан қайтара олмасди. Демоқчимизки, ўсмирликкача бўлган одоб-ахлоқ кейинги тўғри ҳаётни кафолатлай олмайди. Ўсмир учун ҳаммаси янгидан бошланиши керак.

Дўстлик ҳақида ҳар биримиз ўнлаб мақол ёки ҳикматларни биламиз ва буларнинг барчаси катталар учун мавжуд, деб биламиз. «Зўр гап экан!» деб тан берамиз, лекин ҳаётга тадбиқ этишни ўйламаймиз. Бу ҳикмат ва мақоллар фарзандларимиз ҳаёти, тақдирига ҳам оид деган тушунчадан узоқроқмиз. Бизнинг бу даъвоимиз сиз, муҳтарам тарбиячига (ота-она, муаллимга) эҳтимол малол келаётгандир. У ҳолда ўйлаб кўринг, фарзанду аржумандингиз билан дўстлик мавзуида қачон суҳбатлашган эдингиз? Суҳбатингиз чоғида қайси мақол ёки ҳикматни мисол сифатида айтиб, шарҳлаб, тушунтириб бердингиз?

Қадим файласуфларидан Ситсерон шундай деган экан: «Биз билан биргалашиб ҳеч ким қувонмаса, бахтимиз ҳам жозибасини йўқотади.Биз учун биздан ортиқроқ қайғурувчи дўстимиз бўлмаганида, кулфатларга чидашимиз ҳам қанчалар оғир бўларди!» Балки бу ҳикматнинг болаларга алоқаси йўқ, уларда кулфат нима қилади, дерсиз? У ҳолда оламга бола кўзи билан қарайлик-чи? Бизга оддий қувонч бўлиб кўринган нарса уларга энг олий бахт бўлиб туюлмайдими? Биз бирон нарсадан шунчаки ранжиб, бир-икки кундан сўнг бу нохушликни унутиб юборармиз. Бола учун эса ўша нарса шунчаки хафагарчилик эмас, улуғ бир кулфат бўлиб туюлади. Олам кўзига қоронғу бўлиб кўринади. (Бунинг оқибати нима билан тугаганини аввалроқ баён қилиб эдик.) Шундай экан, боланинг ўртоғи туфайли бахтли бўлиши ёки кулфатга дуч келишини арзимас нарса сифатида қабул қилсак, хатога йўл қўйган бўламиз.

Азизлар, биздан ранжиманг ва тўғри тушунинг: ният сиз томонга ҳадеб таъна тошларини отавериш эмас. Мақсад: фарзандлар тақдири хусусида сиз билан бирга бақамти бўлиб фикр юритмоқлик халос. Сиз дейсизки, «болам ҳамма нарсадан азизроқ, мен уни ҳамма нарсадан ҳам яхши кўраман». Дуруст, биз бу фазилатингизни инкор этмаймиз. Аммо халқда дерларким: «Бола - азиз, одоби ундан азиз.» Яна ҳақиқат шуки, ҳар бир ота-она боласини севади. Бола ҳам ўз ота-онасини севади. Лекин бу «олам - гулистон» деган гап эмас. Қўполроқ ўхшатиш учун айбситманг: барча жониворлар ҳам болаларини севадилар, уларни жонларидан кечсалар-да, ҳимоя қиладилар. Уларнинг болаларига чанг соладиган хавф ногаҳоний, онгсиз бўлади.

Ўзларидан кучлироқ ҳайвон ёки табиий офат олдида улар ожизлар. Қўзичоқ онгсиз бўлса-да, йўлдан адашиб, бўри билан дўстлашмайди. Қуён билан шернинг дўстлигини биров кўрмаган. Дўстлашган тақдирда ҳам бу ўртоқчиликнинг мукофоти ўлим экани сир эмас. Сиз билан бизнинг фарзандимизга бўлган муҳаббатимиз қондошлик билангина эмас, балки қалб ва онг орқали ҳам боғланмоқлиги шарт. Биз фарзандимизни қўзичоқ каби ҳимоясиз билиб, бўрилар тўдасининг ҳамласидан асрашга уринамиз. Турли чораларни кўрамиз, аммо барча саъй-ҳаракатимиз зое кетаверади. Жонивор қўзичоқдан фарқли ўлароқ, онгли, одам-қўзичоғимиз рўпарасидаги бўри эканини кўриб, била туриб унга муҳаббат қўяди. Бўрига дуч келган жонивор-қўзичоқнинг тақдири бир - ўлим бўлса, одам-қўзичоқнинг икки йўли бор: бири - қамоқ жазоси, иккинчиси - ўлим. Биринчи йўл ҳам охир-оқибат кўп ҳолларда иккинчи йўлга туташади.

Қадим-қадимдан донишмандлар фарзандлардаги чин дўстлик руҳини тарбия этишга жиддий эътибор берганлар.

Искандар Зулқарнайннинг тарихчилари юртимизга доир бир ривоятни баён этиб кетган эканлар. Унда зикр қилинишича, икки йигит бир-бирларига содиқ дўст бўлиш хусусинда қасамёд қилишган экан. Иттифоқо, юртни ёв босибди-ю, кучлар тенг келмай, аҳоли дарё кечиб, чекинибди. Дўстларнинг бири одамлар билан сув кечибди, иккинчиси улгуролмай, ёв чангалига тушибди. Душман унга азоб берибди. Йигит қийноқларга чидолмай фарёд урибди. Унинг зорли нолалари дарёнинг у бетига ҳам етиб, дўстининг руҳи азобланибди. Дўст ёв чангалидаги биродарини ташлаб кетолмай орқага қайтишга аҳд қилибди. «Борма, нобуд бўласан», дегувчиларнинг сўзларини эътиборга олмабди.

Дарёни сузиб ўтибди-да, ёв лашкарбошисига рўпара келиб «Дўстимни қўйиб юбор, ўрнига мени ол»,- деб талаб қилибди. «Дўстингни бекорга озод қила олмайман, сен уни мендан сотиб ол»,- дебди лашкарбоши. «Менинг бойлигим йўқ»,- дебди дўст афсус билан. «Бойлигинг нега йўқ бўлар экан, икки кўзинг-чи? Бу бойлик эмасми? Ё бу бойлигингни дўстинг учун бергинг йўқми?»- дебди лашкарбоши. Шунда дўст бу таклифни мулоҳаза ҳам қилиб ўтирмай: «Дўстим учун икки кўзимгина эмас, жоним ҳам садақа бўлсин!»-дебди. Унинг кўзларини ўйиб олибдилар. Лашкарбоши унинг садоқатига қойил қолиб, икковини ҳам қўйиб юборибди. Шу-шу икки дўст ажралмас эканлар. Кўзлари ўйиб олинган биродарини етаклаган дўстни жуда кўп ерларда кўришибди. Бу икки дўст юртлар аро юриб садоқат ҳақида қўшиқ куйлашаркан...

Бундай ривоятлар кўп, жуда кўп. Аммо, афсуслар бўлсинким, тарбияда биз улардан кам, жуда кам фойдаланамиз. Оқибатда фарзандлар чин дўстликнинг фарқига бормай улғайишади.

Милитсияга «ўғлим (ёки қизим) уйдан қочиб кетди», деган мавзуда аризалар тушиб туради. Уйдан чиқиб кетувчилар баъзан қисқа хат ёзиб қолдирадилар. Уларни излаб топиш умиди бўлади. Баъзилар эса индамай кетишади. Улар аразлаб чиқиб кетишдими ё бирор фалокатга учрашдими - уйдагилар ҳам, милитсиядагилар ҳам гаранг. Кўп ҳолларда аразчилар топилади, уйга қайтарилади. Айрим ҳолларда эса...

Аразчиларнинг бири ташландиқ ерларда ётиб юрарди. У милитсияхонага олиб келинганда дастлаб гапиргиси келмади. Кейин аразининг боисини айтиб берди. Маълум бўлишича, онаси унинг дўстларини уйга яқинлаштирмас экан.

Бола «мен уларнинг уйларига бемалол кириб-чиқаман, бирга дарс тайёрлаймиз, мусиқа эшитамиз, улар яхши болалар»,- деса онаси «Мен уларни ёмон деяётганим йўқ, сенинг опаларинг бор, совчи келиб турибди. Ўғил болалар ўралашиб юрса, кўнглига бошқача гап келади»,- дер экан. Бола ҳайрон: опаларининг ёшлари йигирмадан ошган бўлса. Унинг ўн уч ёшдаги ўртоқларини кўриб ким бошқача ўйлаши мумкин? Ўсмир ўртоқлари олдида уялгани учун ҳам уйдан кетишга аҳд қилган. Бунақа пайтда болада аниқ бир режа бўлмайди. Уйдан, уни тушунмайдиганлар даврасидан нари кетса бас - ўсмирнинг ягона мақсади шу. Уйдан чиқиб кетдими, тамом. ўғри-безориларга қўшилиб кетди, деб ўйлаш ноўрин. Тўғри, айримлари иҳтиёрсиз равишда кўча болаларига қўшиладилар. Баъзиларини ош-овқат, бошпанага муҳтожлик бу тўдага қўшади. Яна бирлари ўзларини безорилар тўдасидан эҳтиёт қиладилар. Аразчи қочоқларнинг маълум қисми кўчанинг захматларига чидамай изига қайтади. Агар таҳлилга мурожаат қилсак, қайтувчиларнинг оз эканини кўрамиз. Демак, уларнинг кўп қисми уйдаги яхши моддий шароитдан кўчадаги зорликни афзал кўришаркан? Нега шундай? Биз бу саволга: «Бола учун уйдаги моддий шароитдан кўра руҳий-маънавий муҳит муҳимроқ»,- деб жавоб берамиз.

Сиз қандай фикрдасиз?

Жавобни ўйлагунингизча, эътиборингизга яна бир воқеани ҳавола этайлик.

Маълумингизким, болалар турли ҳайвонларга меҳр қўядилар. Бири итни, яна бири мушукни, бошқаси тошбақаними, қуённими яхши кўради. Баъзилари уйда аквариум бўлишини истайди. Айни шу истак атрофида катталар билан зиддият келиб чиқади. Оталар болаларнинг хоҳишларига камроқ қаршилик билдирадилар. Асосий норозилик она томонидан бўлади. Оқибатда бола ўзи севган жониворлар мавжуд жой томонга интилаверади. Оқилбекнинг ҳаёти ҳам шундай бўлди. У каптарларни севарди. Бу гўзал мавжудоднинг самода сузишини кузатиш унинг жону дили эди. Аввалига «ҳеч бўлмаса иккитагина каптар олиб беринглар»,- деб ота-онасига ялинди. Лекин ота-онаси «каптарга ўралашиб ўқиши пастлашиб кетади», деган фикрда унинг илтимосларини эътиборсиз қолдиришди.

Авваллари «каптарвоз» деган атама нима учундир салбий маънони англатарди. Катталарнинг назарида каптарвоз болаларнинг хулқи бузуқ бўларди. Қизиқда, қўй ёки мол боқса яхши, каптар боқса ёмон бола бўлса? Каминага болаликдан муаммо бўлмиш бу саволга ҳануз жавоб топа олмайман. Эҳтимол ўша салбий маъно йиллар оша ўтиб келиб ҳозир ҳам сақланаётгандир? Агар Оқилбек каптар эмас, хўроз ёки мушук боқишни ихтиёр этса рухсат тегармиди? Тегмасди. Яна ўша ўқиш баҳона бўларди. Бу ўринда болани табиатга муҳаббат руҳида тарбиялаш масаласига кўп тўхталмаймиз. Қисқа қилиб айтамизки, табиатни бутун вужуди билан сева олувчи боланинг кўнглида шумлик уйғонмайди, келгусида жиноят оламига кириб кетмайди. Оқилбекнинг ота-онаси шу нуқтада икки хатога йўл қўйдилар: биринчидан - фарзандларини табиатга бўлган муҳаббатини тарбия этиш ўрнига бу кўнгил қанотларини қайирдилар. Иккинчидан - унга бевош кўча эшигини ўзлари очиб бердилар. Англашимиз жоизки, ўсмир бир нарсага астойдил меҳр қўйдими - уни энди тўхтатиш қийин. Уни совутиш учун куч ишлатиш, мажбурлаш мутлақо ўринсиздир. Бунақа пайтда оқилона ва одилона тадбир топиш керак. Аввало ўйлайлик: фарзандимиз меҳр қўйган нарса зарарлими? Зарарли бўлса шошилинч чоралар кўрмоғимиз шарт. Агар зарар сезилмаса, арқонни узунроқ ташлаб, ўринга ўрин бирон нима топишга уринишимиз керак. Оқилбекнинг меҳри тушган машғулот аслида зарарли эмас. Бунда фақат ота-онанинг ортиқча инжиқлиги ва талаби мавжуд. Қаранг, шу ерда ҳам ота-онанинг, ҳам боланинг инжиқлиги, қайсарлиги тўқнашяпти. Тўқнашувда иккала томон ҳам ғалабадан умидвор. Иккала томон ҳам чекинишни истамаяпти. Боланинг чекинмаслиги аниқ. Чекина туриб айланма йўлга ўтиб кетиши ҳам аниқ. Шундай экан, тадбирли ота-она озгина чекинса, олам - гулистон. Агар ота-она ўғлига иккитагина каптар сотиб олиб берса, Оқилбек орадан вақт ўтиб бу машғулотидан безиб, ташлаб кетиши ҳам мумкин. Адолатли ота-она «каптар боқса ўқиши пастлаб кетади», демай, синаб кўриши керак. Агар кўпроқ вақти каптар билан ўтса, бунинг зарарини тушунтириш шарт. Тушунмаса, чора сифатида каптар боқишни ман этишга тўғри келади.

Оқилбек ота-онадан рад жавобини олгач, уйдаги саноқсиз талаб ва таъқиқлардан безди. Хоҳишидан воз кечмади. Шу маҳаллада Тўрабек исмли каптарвоз йигитча билан яқинлашди. Каптархонасини тозалади, у-бу ишларига ёрдам берди. Уйда онаси «чангни артиб қўй», деса малол келарди. Бунда каптархонани тозалаш унга роҳат бахш этарди. Тўрабекнинг ўзига эркин эканлиги эса Оқилбекнинг хаёлини бутунлай ўғирлаган эди. Ўсмирлар «ўзига хон, ўзига бек» тенгдошларини жуда ҳурмат қиладилар. Оқилбек шуларнинг бири эди. То ота-онаси уйдан қайтгунича у Тўрабек билан бирга бўларди. Тўрабекнинг оиласи нобоп эди. Ундан ташқари Тўрабек каптарларни севгани учун эмас, олиб-сотиш учун боқарди. Устига-устак у кўча зўрларига яқин эди. Оқилбек ҳам аста-секин бу муҳитга мослаша бошлади. Ана шунда ота-она ҳавотирланган воқеа юз берди: боланинг ўқиши пастлашди, синфда ўзини тутиши ҳам салбий томонга ўзгарди. Таъбир жоиз бўлса, ота-онанинг қўлидаги каптар учди-кетди. Энди у қайтиб қўнадими, йўқми?

Тасаввур этайлик, Оқилбекнинг отаси ёки онаси сиздан маслаҳат сўрашяпти. Болани тўғри йўлга қайтариш учун улар қандай чора кўришлари керак, нима дейсиз? Назоратни кучайтирсинларми? Болани маълум муддатга «уй қамоғига» ҳукм этсинларми? Онаси ишдан бўшаб, боласига қараб ўтирсинми?

Оқилбекни «қайта тарбиялаш» одатдагидек, кўп синалган, аммо дуруст натижа бермаган ота-она, муаллим иштирокидаги суҳбатлардан бошланди. Табиийки, тўғри яшамоқликка мисол зарур бўлганида улар узоққа бориб ўтирмай, ўз ёшликларини эсладилар. Уларнинг гапларига қараганда болалик, ўсмирлик, ёшликлари шу қадар мусаффо эканки, буни билса ҳатто фаришта ҳам лол қолиши мумкин бўларди. Ҳолбуки, отанинг ўсмирлиги билан Оқилнинг шу кундаги ҳаёти таққосланса, ўртада фақат каптар боқиш иштиёқи йўқ эди халос. Оқилбекни ўртага олган тарбиячилар худди чилёсин ўқиб дам солгуви азайимхонга ўхшашарди. Азайимхон ўқилмиш дуоларнинг кор қилаётгани ёки ҳавога учаётганидан бехабар бўлгани каби улар ҳам гаплари таъсир этаётгани ёки бесамар кетаётганини билмасдилар. Оқилбекнинг индамай тинглаётганини «сукут - ризолик аломати», деб билиб, суҳбатнинг фойда беришига ишондилар. Уларнинг назарида Оқилбек шу ондан бошлаб яна аввалгидай одобли, мўминтойга айланиши керак эди.

Улар билмайдилар-ки, ёшликларини мисолга келтираётган пайтларида Оқилбекнинг хаёли Тўрабекда, бугун оқшом сотиб олинажак ажойиб ўйинчи каптарда бўлган. Яна билмайдилар-ки, Оқилбекка уларнинг мисоллари мутлақо таъсир этмайди. Унинг учун тирик мисол - Тўрабек. Истаган каптарини сотиб олади, истаганини сотиб юборади. Ёнидан пул узилмайди. Хоҳлаган жойига боради. Бировдан сўраб ўтирмайди. «Фалон жойга бориб келдим», деб ҳисобот ҳам бермайди. Мана бунақа тарбиячиларнинг ўртасида шумшайиб ҳам ўтирмайди. «Борларинг-э!» деб шарт туриб кетворади...

Бундай суҳбат яна бир-икки такрорлангач, ота-она тарбия усулини ўзгартиришга қарор қилишди. Тўрабек билан дўстлашишнинг зарари ҳақидаги гапларини бас қилиб, уни уйга таклиф этишди. Оқилбекка бу ғалати туюлди. Таклифнинг самимий эканига унча ишонмади. Таклиф такрорланавергач, Тўрабекни бошлаб келди. Ота-онанинг мақсади энди Тўрабекни «қайта тарбиялаш» эди. Бу биллиард ўйинидаги бир соққани учинчи соққа билан уриб туширишга ўхшаш ғоят нозик усул эди. Бу тарбия усули уйдаги нарсалар йўқола бошлагач, тўхтатилди. Аммо ота-она ҳаракатларини тўхтатишмади. «Ўртоғинг ўғри экан», деб маломат тошларини ёғдиришмади. Буни Оқилбекнинг ўзи мулоҳаза қилди. «Ўртоғининг уйидан нарса ўғирловчи одам қандай дўст бўлди?» деган муаммо уни анчагача қийнади. Шунда ота ижобий самара берувчи тарбия усулини қўллади. Автомобилга, уни тузатишга қизиқмайдиган ўсмир бўлмаса керак. Ота ўғлидаги шу қизиқишдан фойдаланмоқчи бўлди. Унинг бир биродари уста эди. Энг муҳими иймон бобида бошқаларга ўрнак бўлувчи адаб соҳиби ҳам эди. Ўғиллари Тўрабекка қўшилмасидан илгари ҳам уни ҳунарга бериш масаласи кўтарилганида она «болам қора мойга беланиб юрадими»,- деб кўнмаганди. Бу сафар ноилож рози бўлди. Ота автомобилни тузаттириш баҳонасида Оқилбекни ҳам бошлаб борди. Уста ишлай туриб Оқилбекка ҳам бир-икки юмуш буюрди. Мой тегмасин, деган мақсадда қўл учида бажарса ҳам танбеҳ бермади. Аксинча, «ўғлингиз зийрак бола экан»,- деб мақтаб қўйди. Кейин бир ўзи қийналаётганини айтиб, «Менга шогирд бўлмайсанми?»- деб сўради. Шу ўринда у отадан эмас, унинг ўзидан сўраб донолик қилди. Оқилбек иккиланганича отасига қаради.

Ота кўнди. Уста «астойдил қизиқсанг келарсан, жонингга тегса ташлаб кетарсан. Сени зўрлаш йўқ. Уста бўлишинг шарт ҳам эмас. Катта йигит бўлиб қолибсан, машиналарингни ўзинг тузатишни ўрганиб олсанг бас. Қачонгача менга ўхшаган усталарга сарғайиб юрасанлар. Отангга «ўрган», десам ўргана олмади, сен бошқачасан. Мен одамнинг калит ушлашидан биламан. Сен бир-икки ойда моторни мустақил ечиб, жойига жойлайдиган бўласан. Битта шогирдим бор эди, беш йилда ҳам мурватни бурашга қўли келмади. Бўлмайдигани бўлмайди-да, сен бошқачасан...»- деб Оқилбекда ишонч уйғотди. Оқилбек дарслардан кейин устага қатнай бошлади. Ҳар куни ота-она унинг ҳикояларини қизиқиб тинглайдиган бўлишди. Ота дўстининг фазилатларини айтганда Оқилбек зийраклик билан тингларди. Чунки у мазкур фазилатларни амалда кўрарди. Оқибат, Оқилбек фақат ҳунар ўргатадиган устага эмас, сирдош дўстга эга бўлди. Каптарларни ҳам, Тўрабекни ҳам унутди.

Подшоҳнинг боғбони тенгсиз бир гул яратиб олампаноҳга тақдим этибди. Подшоҳ гулни кўриб тасаннолар айтибди-да, ёнидаги қулга буюрибди:
-Бу гул тенгсиз гўзал қизнинг чиройига чирой бўлиб қўшилиши керак. Боққа чиқиб қарагин-да, ўша гўзалга буни бер.

Хабаш таъзим билан чиқибди. Боғда подшоҳнинг қизи - гўзал малика канизаклари билан сайр қилиб юрарди. Хабаш гулни эгасига топшириб изига қайтди.
-Гулни бердингми?-деб сўрабди подшоҳ.
-Бердим, -дебди хабаш қул,- энг гўзал қизга бердим.
-Ким экан у, гўзал қиз?

Подшоҳ «тенги йўқ гўзал қиз сизнинг фарзандингиз, менинг маликам», деган жавобни кутиб атай шундай деб сўраган эди. Аммо жавоб подшоҳни ҳам, бошқаларни ҳам ажаблантирадиган бўлибди:
-Мен гулни ўзимнинг қизимга бердим,-дебди қул.

Бу ривоятга «Қўнғиз боласини оппоғим, типратикан юмшоғим, дейди» мақолини илова қилсак айни муддаодир.

Биз фарзандларимизга маҳлиё бўлиб, унинг жамоадаги ўрни билан кам қизиқамиз. Фарзандимизнинг дўстларига нисбатан талабларни қалаштириб ташлаймизу аммо ўғлимиз ёки қизимизни биров ўзига дўст деб қабул қиладими ё йўқми, буни камроқ ўйлаймиз.

Бир мактабда муаллимлар ёрдамида тажриба ўтказдик. Аввал саккизинчи синфдаги болаларнинг фъел-атворлари билан қизиқдик. Болаларнинг бир-бирларига муносабатини муаллимлар ўзларининг кузатувлари асосида гапириб беришди. Ташқи кузатув алдамчи бўлиши ҳам мумкин. Шу боис ўша синфга кириб «Мен қайси синфдошимни ёқтирмайман? Ёқтирмаслигимнинг сабаби нима?» деган мавзуда иншо ёзиб беришларини илтимос қилдик. Иншога имзо қўймасликларини, ундаги фикрлар бошқаларга маълум қилинмаслигини, сир сақланишини ҳам айтдик. Кутганимиздек, иншони ёзишга барчада бирдай рағбат уйғонмади. Баъзилар умуман ёзишмади. Айримлар «Менга ҳамма ёқади», деб гапни қисқа қилиб қўя қолишди. Шундан сўнг биз бошқа синфда мавзуни ўзгачароқ тарзда баён қилдик: «Иншо мавзуси: «Дўстлик». Қуйидаги саволларга жавоб беришга ҳаракат қилинг: Сиз қандай болани яхши ўртоқ деб ҳисоблайсиз? Сизнингча ким ёмон ўртоқ ҳисобланади? Нима учун сиз уни ёмон деб ҳисоблайсиз? Сиз нима сабабдан ўртоғингиздан ранжишингиз ва у билан дўстлашмай қўйишингиз мумкин? Сизнингча ҳақиқий ўртоқ қандай бўлиши керак?» Бу иншода болаларнинг учдан икки қисмигина илтимосимизни бажаришди. Шунга қараб ҳам хулоса чиқариш мумкин бўлди. Муаллимлар синфдаги бир неча болага салбий фикр билдиришган эди. Иншолар буни тасдиқлади. Мана, шулардан айримлари:

«Шораҳим - безбет бола. Агар бировда иши бўлса атрофида гирдикапалак бўлаверади. Иши битгач, юзини буриб кетади. У кучига ишониб, бошқаларни менсимайди.»

«Унга ишониб бўлмайди, дўстини ҳам алдашдан тоймайди. Ёмонроқ ниятини дўстининг қўли билан амалга оширмоқчи бўлади, ўзи эса четда тамошабин бўлиб тураверади.»

«У мактабда писмиқ, кўчада зўравон ўртоқлари олдида шердай бўлиб кетади.»

«Ўзидан катталардан қўрқади, кичикларга зўрлик қилиб, масхаралайди.»

Бизни ҳам, муаллимларни ҳам таажжубга солган иншо Шоакбар деган боланики бўлди. Муаллимларнинг айтишича, Шоакбар синфдаги энг заиф, қўрқоқлардан саналаркан. Синф зўрларидан бирини ўзига яқин дўст тутиб юраркан. Кўпчилик, хусусан, муаллимлар ҳам бу дўстликни ҳимоя воситаси сифатида қабул қилишаркан. Шоакбар иншода дўст деб юргани ўша зўрнинг барча иллатларини санаб, «Мен ёзган иншони ҳаммага ўқиб беринг. Мен у билан дўстликни уздим. Дўстлар орасида манфаат бўлмаслиги керак», дебди. Боланинг талабини бажариб, иншони ўқиб берайликми ё йўқми, деб иккиландик. Ундан «шу талабингда қатъиймисан?» деб алоҳида сўрадик. У талабидан қайтмади. Шунда иншо ўқиб берилди. Синф бирдан жимиб қолди... Қўрқоқ ва заиф саналган боланинг шу ондан эътиборан довюрак йигитчага айланганини биз ҳам хис қилдик. Боланинг ўзидаги қўрқоқликни енгиши синфдагиларга ҳатто ўша «зўр»га ҳам таъсир қилди. Хавотиримиз ўринсиз чиқди - «зўр» Шоакбарга тегмади. Бир ҳафтадан сўнг муаллимлар илтимосимизга кўра, «Тоққа саёҳатга чиқамиз. Кичик автобусга йигирма бешта одам сиғади. Кимлар ортиқчалигини рўйхатда ўзингиз белгиланг», деб болаларга мурожаат қилишди. Болалар ортиқча деб ҳисоблаб, рўйхатдан ўчирилганлар орасида ўша «зўр»нинг номи ҳам бор эди. Сафар бир сабаб билан баҳорга қолдирилиб, яна рўйхат тарқатилганда «зўр»нинг номи ўчирилмабди. Сабабини билсак, «зўр» Шоакбарни таъзирини бериш ўрнига унга яқинроқ бўлишга ҳаракат қилибди. Иншода баён этилган иллатларидан қутилишга интилибди. Гарчи Шоакбар дўстликдан воз кечган бўлса-да, чин ўртоқ топганини англабди.

Баъзиларимиз фарзандимизнинг дўст танлашига талабни кучайтирсак, айримларимиз лоқайд бўламиз. «Фарзандимиз ақлли, ўзига ўхшаган ақлли болалар билан дўстлашади», деб ҳотиржам юрамиз. Ҳозирги кунда ўсмир ёшига етганларнинг кўпчилги болалиги ўтган мактабни тарк этиб литсей, коллежларга боришяпти. Улар учун фақат ўқув даргоҳи янги эмас, дўстлар давраси ҳам мутлақо ўзгачадир. Турли маҳаллаларда, турли оилаларда, одоб ва маданият даражаси турлича бўлган муҳитда тарбия кўрган болалар ўзлари учун янги оламни кашф этишга киришганларида ўзаро танишадилар. Ўзларига ҳос камчиликларни яширишга уринадилар. Дастлаб улар орасида юзаки дўстлик пайдо бўлади.

Бу дўстликнинг умри унча узоқ бўлмаслиги ҳам мумкин. Мактабда синфнинг эркаси бўлган бола янги жойда эътибордан четга чиқиши табиийдир. Айтмоқчимизки, бу янги шароитда бола оғир руҳий кечинмалар тўлқинини енгиб ўтишга киришади ва бунда тарбиячининг мадади зарур бўлади. Фарзанднинг янги дўстларини эҳтиётлик билан ўрганишга тўғри келади. Бу литсейга ёки коллежга бориб уларни суриштириш шарт, деган гап эмас. Уйдаги самимий суҳбатларда мавзуни янги ўртоқларга буравериш керак. Агар болангиз бирон филм ҳақида фикр юритса, «ўртоқларинг ҳам кўрибдими, улар нима дейишяпти?» каби саволлар билан янги дўстларнинг қизиқишларини, уларнинг дунёқарашларини билиб олса бўлади.

Кўпгина оилаларда туғилган кунларни юқори мақомда нишонлаш одат тусига кириб боряпти. Шубҳасизки, бу зиёфатга бола ўзининг бир қанча дўстларини айтади. Улар орасида синалганлари - гўдакликдан бирга катта бўлган маҳалладошлари ва янги дўстлари ҳам таклиф этилади. Ота-она айниқса мана шу ҳолатга эътибор бериши шарт. Чунки бир-бирини танимаган икки гуруҳ суҳбат чоғида гап талашиб қолиши мумкин. Маълум жиноятлар айнан шундай гап талашишлардан бошланади.

Замоналининг туғилган кунида шундай бўлди. Ўсмирлар «таклиф этилмаган ерга борма», деган одобни ҳали яхши билмайдилар. Бир бола ўртоғига «юр, зиёфатга бирга борайлик»,- деса буниси «танимаган жой, қалай бўларкин»,- деб истиҳола қилиб ўтирмай кетаверади. Замоналининг литсейдаги дўсти меҳмонга бир ўзи боргиси келмай икки ўртоғини эргаштирди. Чақирилмаган меҳмонлар уйдаги айрим буюмларга қизиқиб уни ўғирламоқчи бўлишганда жанжал чиқиб, кўнгилсиз воқеа юз берган.

Бу баёндан мақсадимиз: дўст танлашдек нозик ва масъулиятли ишда фарзандимизни сира-сира ёлғиз қўймаслигимиз керак. Бизнинг бу масалага аралашувимизни асаб ҳужайраларига тиғ урувчи жарроҳнинг ишидаги масъулиятга қиёслашимиз ҳам мумкин. Ана энди юқорида диққатингизга ҳавола этилган саволга жавоб қайтариш вақти етди:

Донолар вафоли ва муҳаббатида ихлосли дўст танлашда зикр этилажак мана бу муҳим маслаҳатларга эътибор қаратадилар:

birov bilan doʻst boʻlishni istasangiz, uning doʻstlarini tekshiring. Agar ularning fe’l-atvor, odob va tarbiyalarini yaxshi tekshirib bilsangiz, uning ham fe’l-atvorini anglaysiz. Chunki har kim oʻziga munosib kishi bilan doʻst boʻladi.

uning yurish-turishiga diqqat qiling, axloqini oʻrganing.

u bilan muomala qiluvchilardan uning muomalasini soʻrang, undan rozi yoki norozi ekanliklarini, unga ishongan yoki ishonmaganliklarini bilasiz.

uning koʻrinishiga, tashqi qiyofasiga aldanmang, chunki ichi qora boʻlishi mumkin.

boshqalarni g‘iybat qiluvchi, ularning sirlarini soʻzlovchi bilan doʻst boʻlmang.

ёмон йўлга бошловчи киши билан дўст бўлишдан ҳазар қилинг.

Фарзандингизнинг «ким билан дўстлашиш мумкин?» деган саволига тўлиқ жавоб бериш учун бу насиҳатларнинг ўзи кифоя қилмас. Қани, ўзингиз яна нималар дея оласиз?

Тутқунлик

Йигитча ёки қизча ўсмирликнинг нотекис сўқмоғида қоқилди, қил кўприкдан ўтолмади. Озодликнинг қуёши энди унга саодатли нурини сочмайди. Бу ёқда ота-онанинг дили хуфтон, у ёқда ҳаётнинг лаззати нимада эканини англашга улгурмаган тутқун бўлажак йўлида йилт этган нур кўролмай бадбинликка берилади. Айримлари бу руҳий қийноқлар исканжасида тамоман таслим бўладилар. Улар учун энди яшашнинг қизиғи қолмайди. Баъзилари қилиб қўйган гуноҳларини фаҳм этиб, ўзларини оқлаш чораларини излайдилар, белгиланган жазо муддати тугагач, ҳаётга қай тарзда қайтмоқликларини ўйлайдилар. Айрим тоифа эса ўзини шафқатсиз ҳаётдан ўч олган ҳисоблаб, бу йўлдан қайтмасликни қасд қилиб ўтиради.

Бола ҳаётга мослашиш шартлигини билмайди. У тасаввуридаги ҳақиқат ва адолатга ҳаётнинг бўйсунишини истайди. Ҳаёт эса... аёвсиздир.

Жиноят кўчаси остонасида турган ўсмир билан бу остонани босиб ўтиб, қамоқ жазосига ҳукм қилинган маҳбуснинг руҳий кечинмалари орасида катта фарқ мавжуд. Ҳудди шунингдек, қамоқда ўтирган катталар билан ўсмирларнинг руҳий олами бир-бирига асло ўхшамайди. Катталар ҳаёт тажрибасига асосланиб, руҳ азобларини қаноат билан енгмоққа уринадилар. Ҳаёт тажрибасига ҳам, сабр-қаноатга ҳам эга бўлмаган ўсмирлар эса ўзларини ғам-аламлари билан ёлғиз қоладилар.

Болаларимизга жазо бериш масаласини аввалги бўлимда қисман ечмоққа уриниб кўрган эдик. Энди эътиборимизни асосан шу муаммога қаратсак.

Инсон яхши тарбия кўрмаган ва турмушда тажриба орттирмаган бўлса, у кўп нарсаларни назарга илмайди ва ундан жирканади. Бундай нарсалар унга ноўрин кўринади. Ва айнан шу нарса унга тутқунлик эшигини очиб беради. Инсон билим ва тажрибага эга бўлгандан сўнг фикри ўзгаради, ноўрин бўлиб кўринган нарсалар зарурий бўлиб чиқади. Америка адиби Марк Твен «Отам ўн тўрт ёшимда аҳмоқ эди, йигирма тўрт ёшимда ўйлаб қарасам, отам ақлли, мен эсам аҳмоқ бўлган эканман», деб ёзади. Ҳақиқатни англаб етиш учун йиллар керак. Афсус шундаки, баъзи ўсмирларнинг оқибатда ҳақиқатни англаб етмоқликлари учун тутқунлик имтиҳонидан ўтмоқликларига тўғри келади.

Жиноят кўчасининг очиқ дарвозаси

  • Остона ҳатлангач

  • Қотил... 13 ёшда?

  • Расулаллоҳ дедиларким: ...болаларингизни урманг!

  • Бола жинни эмас, аммо…

  • Бола неча ёшида жазоланиши мумкин?

Саволга жавоб қайтармоқ учун жазо турини иккига ажратсак: яъни, уйдаги шўхлиги ёки бевошлиги учун биз - ота-она томонидан белгиланувчи жазо. Иккинчиси жамиятга етказган зарари туфайли бериладиган жазо. Ота-онанинг ҳукми ва бу ҳукмнинг ижроси орасида баъзан бир нафас ҳам вақт ўтмайди. Боланинг айби аниқланиши ҳамон ё сўкилади, бақирилади, ёки тарсаки тушириб қолинади. Уйда болани жазолаш учун аниқ ёши белгиланмайди. Фарзанд гўдаклик чоғидаёқ жазога мубтало бўлади. Агар кўпроқ йиғлаб юборса, тагини бемаврид ҳўл қилиб қўйса, ёки пиёладаги чойни бехос тўкиб юборса... дарров жазога тортамиз. Ҳолбуки бола бу ишлар учун айбдор эмас. Агар атайин айб қилса жазо тўғрисида ўйлаб кўриш мумкин. Аввалги боблардан бирида айтганимиз японларнинг, яҳудийларнинг болаларни жазоламасликларини яна бир бор эслаб ўтишни жоиз деб билдик. Бола кўчадаги дўконда кўзларни ўйнатиб турувчи ўйинчоқни кўриб «олиб беринг», деб хархаша қилса ҳам уришимиз керакми? Бола бизнинг ҳатти-ҳаракатимизни синчиклаб кузатади. Қайси нобоп иши учун кимдан қандай жазо олишини билади ва ўзича шунга яраша чора-тадбирларни ишлаб чиқади. Онаси кўпинча танбеҳ билан кифояланади. Демак, ундан чўчимаса ҳам бўлади. Отасининг қаҳри ёмон, ундан қўрққулик... Боланинг ёлғон тўқиши ёки айбни бошқаларга ағдаришга уриниши жазонинг ким томонидан кутилишига боғлиқ бўлади. Шафқатсиз жазолашга одатланган хонадонда бола айбга иқрор бўлиш, тантилик, мардлик, қўрқмаслик, инсоф, қатъийлик каби фазилатлардан бегона равишда улғаяди.

Оилаларнинг одоб ва маданий даражаси бир ҳил эмаслиги маълум. Шундан келиб чиққан ҳолда болалар тарбиясига эътибор ҳам турлича. Айрим оилалар бола тарбияси билан шуғулланмоқчи бўлади, боласининг баодоб тарзда вояга етишини истайди аммо бунга ўзларида етарлича илм ва тажриба етишмаслигидан қийналади, бу тоифадаги баъзи оила бошлиқлари «тирикчилик ташвиши» деган баҳона билан ўз истакларига ўзлари ғов бўладилар. Айрим оилалар ғоят даражада маданий ва зиёли бўлганлари сабабли бола тарбиясига вақт ажрата олмайдилар ва бу иш билан шуғулланишни ўзларига ортиқча ташвиш деб биладилар. Бола тарбияси уларни асосий ишдан чалғитгандай туюлади гўё. Афсуслар бўлсинким, яна шундай оилалар борки, улар бола тарбияси билан шуғулланишни исташмайди. Буларни «оғир оила», деб аташади, биз эса булар оила деган муқаддас номга умуман нолойиқ деб ҳисоблаймиз. Фарзанди ҳам, иймони ҳам бузуқлик ва ароқхўрликдан иборат икки жинснинг ҳайвоний қўшилувини «оила» деб аташ мутлақ ноўриндир. Шунинг учун ҳам жамият уларни кўп ҳолларда ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этади. Бу маҳрумлик эҳтимол оддий жазо бўлиб туюлар. Ҳар ҳолда айбдор қамалмаяпти, жарима ҳам солинмаяпти. Моддий ва жисмоний оғриққа мубтало этилмаяпти. Лекин, бизнингча, тушунган одамлар учун бу ўлим жазосидан ҳам баттарроқдир. Ўз фарзандига оталик ёки оналик ҳуқуқидан, уни суйиб эркалашдан, кексайганда эса унинг роҳатини кўришдан маҳрум бўлгандан кўра ўлиб кетгани минг карра афзалроқ. Ўйлаб қарасак, маҳрумлик - ўлимнинг ўзгинаси. Фақат жисман эмас руҳан ўлмоқликдир. Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрумлар аслида руҳан ўлиб бўлган - тирик ўликдирлар.

Уйда болага жазо бериш ҳақида сўз кетганда олимларнинг бир тадқиқотига эътиборингизни жалб этишни лозим деб билдик. Тадқиқот натижаларига кўра, ўрганилган оилаларнинг 46 фоизида болани шафқатсиз равишда калтаклаш кузатилган, 15 фоизида айб иш қилиб қўйган бола уйдан ҳайдаб чиқарилган, 11 фоизида ўз фарзандларини таомланишдан маҳрум қилишган, яъни оч қолдиришган, 13 фоизида боғлаб қўйишган ёки ертўлага қамашган, 10 фоизида уриб, майиб қилишган. Кўнгилни хира қилгувчи бу нохуш рақамларга жамият бефарқ қарамаслиги лозиммикин? Болаларга оғирми енгилми жазо берилаётганини кўрсам ё эшитсам туркларнинг ашуласини эслайман, ўзбекча ифодаси бундай: «Бизим гўдакларимиз улар, бизим авлодларимиз, меҳрга, шафқатга эҳтиёжлари бор. Севинг уларни, севинг уларни, пешонасидан ўпинг уларни!»

Фарзандларини жазолашни ҳуш кўрувчиларга шарафли ҳадислардан бирини эслатмоқни лозим кўрдик. Абу ад-Дардо (розиёллоҳу анҳу) «Расулаллоҳ менга тўққизта амални буюрдилар», деб бу амалларни баён эта туриб таъкид этмишларким: «... хотин ва болаларингга калтак кўтарма, тўғри йўлдан юрмаса, бола-чақаларингни Оллоҳ Таолонинг қаҳри-ғазабига дучор бўлишлари билан қўрқит.»

Уйдан қочиб кетувчи болалар ҳақида гапириб эдик. Улар орасида айнан ҳақсиз жазодан безиб кетганлар кўпчиликни ташкил этади. Яқинда бир қарашда суюнчли, бир қарашда афсусли хабар билан танишдик. Россиялик опа-сингил ўғирланиб, Юнонистонга сотиб юборилган экан. Улар бир неча йил ичида топилиб, Ватанга қайтарилганлар, лекин... улар майхўр оналари бағрига қайтишни истамаганлар. Бунга нима деймиз?

Ўсмирлик ёшини мутахассислар 12-14, 15-16 ва 17-18 деб белгилайдилар. Албатта бу тахминий бўлиниш. Унда болаларнинг табиий ва руҳий ўсишларидан кўра мактабда ўқийдиган синфлари кўпроқ эътиборга олинган. Жиноят учун жазо белгилаш масаласига келсак, бўлиниш сал ўзгачароқдир. Яъни бола 13 ёшидан жазога тортилиши мумкин. Бу ёшда асосан бола қотиллик учун жазоланади. 14 ёшдан эса ўғирлиги учун жазога тортилади. 13 ёшдан кичикроқ болалар жиддийроқ айб қилсалар улар махсус мактабларда тарбияланадилар.

Жазо ҳақида гап кетганда Ўзбекистон Республикасининг жиноят кодексига мурожаат қилмоқликка тўғри келади:

«Суд вояга етмаганларга жазо тайинлашда жазо тайинлашнинг умумий асосларига амал қилади, вояга етмаганларнинг ривожланганлик даражаси, турмуш шароити ва тарбиясини, соғлиғини, содир этган жиноятининг сабабларини, катта ёшдагиларнинг ва бошқа ҳолатларнинг унинг шахсига таъсирини ҳисобга олади.»

«Ўн уч ёшдан ўн олти ёшгача бўлган вақтда жиноят содир этган шахсларга нисбатан жиноятлар мажмуи тариқасида жазо тайинланганда озодликдан маҳрум қилишнинг энг кўп муддати ўн йилгача, агар содир этган жиноятларнинг биттаси ўта оғир жиноят бўлса, ўн икки йилгача тайинланади.»

«Ўн олти ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган вақтда жиноят содир этган шахсларга нисбатан жиноятлар мажмуи тариқасида озодликдан маҳрум қилиш жазоси - ўн икки йилгача муддатга, агар содир этган жиноятларининг биттаси ўта оғир жиноят бўлса, ўн беш йилгача муддатга тайинланиши мумкин»

Жиноят кодексидан айрим баёнларни келтирганимиз бежиз эмас. «Биз жиноят ва жазога таалуқли қонунлардан яхши хабардор эмасмиз», дейилса, рад этишга шошилманг. Мазкур даъвони осмондан олганимиз йўқ. Ота-оналар, муаллимлар, болалар орасида тарқатилган сўровларимизнинг натижаси бизни шу фикрга олиб келди. 13 ёшдаги болани жиноий жазога тортиш мумкинлигини ҳеч ким билмас экан. Сўралган ота-оналарнинг 80 фоизи 15-16 ёшдан ошган бола жинояти учун қамалиши мумкин, деб ўйларкан. 15 фоизи 14 ёшли боланинг қамалиши мумкинлигини биларкан. 5 фоизи эса «14 ёшли бола ҳам жинояти учун қамалиши мумкин», деган гумонда экан. Бу кўрсатгич муаллимларда бир оз яхшироқ, яъни ҳақиқатга яқинроқ. Бунинг сабаби: улар бевош, бўйсунмас болалар туфайли милитсия билан алоқадалар ва шу жараёнда ҳуқуққа доир маълум билимга эга бўладилар.

Ҳуқуққа доир билим олишнинг даражаси суст экани ҳақида ташвишланиб кўп гапирилади. Болалар ва ўсмирларнинг жиноят кўчасига кириб қолишларига шу билимнинг етишмаслиги ҳам сабаб, дегувчиларнинг фикрларига қўшилмоқлик керак. Ота-оналар ва муаллимлар билан фикрлашганимизда уларга бир ўғирликнинг икки кўринишини баён этдик: синфдаги компютер ўғирланган. Биринчи ҳолатда ўғри очиқ қолган эшикдан кириб, кўтариб чиқиб кетган. Иккинчи ҳолатда деразани синдириб кирган. Бу жумбоқни ечишда 87 фоиз ота-она «ҳар иккала ҳолда ҳам бир буюм ўғирланяпти, демак жазо бир ҳилдир», деб ҳисоблашибди. 9 фоизининг фикрича, жазо белгиланаётганда буюмнинг нархига синдирилган дераза ойнасининг қиммати қўшиб ҳисобланаркан. Фақат тўрт фоиз ота-она бир ҳолатда оддий ўғирлик, бошқа ҳолатда талончилик деб баҳоланишини билганлар. Болалар эса бунинг фарқига мутлақо етмаганлар.

Жамият тартиб-қоидалари билан жиноят кодекси орасидаги фарқ кўпчиликни чалғитиши мумкин. Яъни: ўсмир 16 ёшга тўлганда унга паспорт берилади. Шунинг учун баъзилар айнан шу ёшда жазога тортилиши мумкин, деб ўйлайдилар. 18 ёшга тўлганда сайловда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлади, йигитлар шу ёшда ҳарбий хизматга борадилар. Демак, балоғатга етадилар, жазо ҳам шу ёшда берилади, дегувчилар ҳам мавжуд. Бу фикрларда жон бор, уларни мутлақ инкор этиб бўлмайди. Жиноят кодекси ҳам жазо турларини белгилашда улғайиш ёшларини ҳисобга олади.

12-14 ёшда болаликдан ўсмирликка ўтиш жараёни, яъни бўйсунмасликнинг бошланиши кузатилади. Аввал айтганимиздай, бола ўзини катталар сафида кўргиси келади, онг шакллана бошлайди. Исломда ўғил болалар учун ўн бир, қизлар учун тўққиз ёшдан намоз фарз қилинган. Ўйлаб кўрайлик-чи, нима учун шундай? Айнан шу ёшда боланинг онги ҳақ-ноҳақни аниқроқ фарқлай бошлайди. Ўз ҳатти-ҳаракатини онгли равишда бошқаришга ўтади. Энди у ота-онаси айтгани учунгина эмас, Оллоҳ билан онгли равишда боғлана бошлагани учун намоз ўқийди. Демак, энди унинг бирон айбини болалик шўхлигига, ақли етмаганига йўйиш тўғри ҳам эмас. У ўғирликнинг жиноят эканини, жиноятга лойиқ жазо борлигини билади. Билмаса, қилғилиқни қилиб қўйиб қочмаган, яширинмаган бўларди. 10-11 ёшли болаларга «ўғирлик, талончилик, босқинчилик, қотиллик, безорилик учун мактаб ўқувчилари қамалиши мумкинми?» деган савол билан мурожаат этдик. Сўралганларнинг 92 фоизи жиноят учун болаларнинг ҳам жазоланиши муқаррарлигини билишаркан. 5 фоизи 18 ёшдан кейин жазоланиши мумкин, деб ҳисоблар экан. 3 фоизи эса аниқ билмас экан.

13-14 ёшдаги жиноятчилар кўп эмас. Ўсмир улғайгани сайин, жинояти учун жиддий жазо мавжудлигини тўлароқ ҳис этади. Жиноятга яраша жазо тортажагини билгач, у ўзини тия бормоғи лозим. Мантиқан олиб қаралса шундай. Аммо жиноят оламининг ўзига тортиш қонуни бизнинг ҳаёт ҳақиқатидан келиб чиқадиган мантиғимизга мос келавермайди. Мана бу рақамлар эҳтимол фикримизни тасдиқ этар, сиз ҳам диққат қилинг: биз ўрганган бир жойдаги жиноятчи ўсмирларни 100 фоиз деб олсак, шундан ўртача 8,2 фоизини 14 ёшлилар, 26,8 фоизини 15 ёшлилар, 30,2 фоизини 16 ёшлилар, 34,8 фоизини 17 ёшлилар ташкил этди. Бошқа жойдаги тадқиқотда рақамларда фарқ бўлса-да, мазмун ўзгармади. Мана ўша натижа: 14 ёш - 2,2, 15 ёш - 10,2, 16 ёш - 35,9, 17 ёш - 51,7. Бу рақамларни келтиришимиздан мақсад, ўсмирларга нисбатан бўлажак эътиборимизни йил ўтган сайин сусайтирмасдан, балки кучайтириб боришимиз лозимлигини эслатиб қўймоқдир. Фарзандимиз 14-15 ёшлигида биз унинг юриш-туришига кўпроқ аҳамият берамиз. Чунки унинг ўсмирлик оламига кириш чоғидаги ҳатти-ҳаракати, гап-сўзларидаги ўзгаришлар сезиларли бўлгани учун доимо диққат-эътиборимизда туради. Ўсмирлик олами чегарасидан ўтиб олгач, у ўзини анча босиб олгандай, назаримизда «ақли тўлишиб қолгандай» туюлади. Тўғри, ақлига ақл қўшилади. Аммо бу ёшда жиноят жари яқинидаги кўчадан узоқлашмаган бўлади. Эътиборимиз сусайдими, кимгадир эргашибми, қўрқибми ё бошқа сабабданми шу жарга қулаши эҳтимоли борки, бундан барчанинг фарзандини Оллоҳнинг ўзи асрасин!

Кимёда «катализатор», «занжир реактсия» деган тушунчалар бор. Шиша идишда зарарсиз турган моддага бир томчигина ўзга модда томизилса у қайнаб, жунбушга келиб, даҳшатли кучга айланиши мумкин. Ҳудди шунга ўхшаб жиноятчиликда ҳам ўзига ҳос «катализатор»лар мавжуд. Буни оддийгина қилиб «сабаб» ҳам деймиз.

Қотилликнинг сабаблари ўрганилганда мана бу рақамлар юзага келди: қотилликнинг 8,8 фоизига ғайирлик сабаб экан. 19,1 фоизига қасос ҳисси, 11,3 фоизига рашк, 29,4 фоизига безорилик, 20,7 фоизига эса гап талашиш, муштлашиш сабаб бўлган.

Болалар ва ўсмирларга хос жиноятчилик катталарникидан кўп жиҳатлари билан фарқланади. Шулардан бири - кўплашиб олиб жиноят қилиш. Бола ёки ўсмир камдан кам ҳоллардагина ёлғиз ўзи жиноят қилади. Ўрганилган даврда қамалган ўсмирларнинг фақат 24 фоизигина ёлғиз ҳолда, 76 фоизи эса тўда бўлиб жиноят қилишган.

Энди уларнинг табиатини кузатайлик: бола ёки ўсмир кўчада ёлғиз юрганида мўмингина бўлади. Агар биров жиғига тегса ҳам индамаслиги мумкин. Ёнида ўртоқлари (айниқса қизлар) бўлишса-чи? Ўша мўминтой нақ шерга айланиб кетади. Болалар ва ўсмирлар бирлашиб қолишса ҳар қандай одобни унутадилар. Баланд овозда гапирадилар, арзимаган ҳазилга ҳам қаҳ-қаҳ отиб куладилар, қизларга гап отадилар, чекмайдиганлар айнан шундай даврада чека бошлайдилар. Булардан мақсад - атрофдагиларга ўзини кўрсатишга уриниш. Бундай ҳолларда алоҳида шаҳсга хос феъл-атвор бошқарув тизгинидан чиқиб, умум гуруҳга хос бўлган феъл-атворга бўйсунади. Одоби, ҳатти-ҳаракати билан бошқалардан ажралиб турувчи бола тўдага қўшилгач, иҳтиёрсиз равишда ўзгаради. «Бошқалар қандай бўлишса, мен ҳам шундайман», деган ўйда бўлади. «Бошқалар томдан ташлашса сен ҳам ташлайсанми?» деган ҳақиқатдан йироқлашадилар. Бу масалада ўсмирларни уч тоифага бўлиш мумкин:

  • Қонунни бузмайдилар ва бошқаларни ҳам бу йўлдан қайтаришга уринадилар.

  • Қонунни бузмайдилар, бошқалар билан ишлари йўқ.

  • «Бошқалар нима бўлса, биз ҳам шу»

Икки литсей ўқувчилари билан суҳбатлашганимизда бу уч тоифа мана бундай манзара касб этди:

Биринчи тоифа - 50 - 52%

Иккинчи тоифа - 11 - 13%

Учинчи тоифа - 39 - 35%

Катталарга нисбатан ўсмирларда жиноятчи тўдани ташкил этиш осонроқ. Тўда ташкилотчиси ҳамиша ҳам бошлиқ бўлавермайди. У ташаббусчи, тадбиркор ёки тўданинг ғоявий раҳнамоси сифатида бошлиқнинг энг яқин кишисига айланиши мумкин. Қўлга олинган катта-кичик ўнта тўданинг тўрттасида бошлиқ мартабаси бошқаларга нисбатан бақувват бўлган ёки спорт билан шуғулланган, қўл жангги усулларини яхши билган йигитчага насиб этган. Иккитасини жиноят оламини яхши билувчи, тажрибали, бошқачароқ айтсак, қамалиб чиққанлар бошқаришган. Иккитасига шафқатсиз, қурол ишлатишдан ҳам қайтмайдиган, бўйсунмасларни аёвсиз равишда жазолайдиганлар бош бўлганлар. Иккитасининг бошлиғи ўзгалардан ақлан баландроқ турувчи, режа тузиб уни амалга ошириш йўлларини яхши билувчилар бўлишган. Айнан шу кейинги икки гуруҳни фош этиш, қўлга олиш қийин бўлган. Жазо муддатини ўтаётган ўсмирлардан «Тўдада обрўга эга бўлиш учун нима қилиш зарур?» деб сўралганида уларнинг 42 фоизи яхши муштлаша олиш зарур, деб жавоб қайтаришди. 34 фоиз ўсмир тўдадаги обрўни жисмонан бақувватлик белгилайди, деб ҳисобларкан. Қолганлари пулдор ёки ақлли бўлишни асосий сабаб деб биларканлар.

Ўсмирлар ташкил этувчи тўда узоқ яшамаслиги билан ҳам катталардан фарқ қилади. Тўданинг тарқаб кетишига ёки фош этилишига бир қанча сабаблар мавжуд: 1. Тўдабоши мартабасини талашиш, тўдабошининг буйруқларидан бўйин товлаш.

2.Тўданинг маълум аъзолари томонидан тўданинг мақсадларига қарши чиқиш, қилинаётган ишларнинг натижаларидан қониқмаслик. 3. Тўда аъзолари орасида фош бўлишдан қўрқувчиларнинг кўпайиб бориши.

Ўсмирлар орасидаги жиноятчи тўдалар баъзан ташқи таъсир натижасида ибтидоий равишда юзага келиши ҳам мумкин. Аввалги бобларда бемаъни кинофилмларнинг болалар одобига салбий таъсири ҳақида гапирган эдик. Бу масалага яна қайтишга тўғри келяпти. Сабаб, айнан филмлар таъсирида тўдалар ташкил этилгани яқин тарихдан маълум. Аслида унчалик зарарли бўлиб туюлмаган айрим филмлар кутилмаганда акс таъсир қилиши ҳам мумкин экан. Етмишинчи йилларда Америкадан «Беқиёс еттилик», «Етти ўғлонга етти келин», «Зорро» каби дастлабки жангари руҳдаги филмлар келтирилди. Бу филмлар адолат учун кураш ғояси билан йўғрилган эди. Аммо айрим ўсмирлар бу ғояларни ўзларича талқин этиб, жамиятда ўзларича адолат ўрнатмоқ учун «беқиёс еттилик»лар ёки «Зорро командаси»ни ташкил қилишди. Ҳатто кулгига мойил, самимий ҳисобланган «Автомобилдан сақланинг» деган филмдан кейин ҳам «Деточкин болалари» каби гуруҳлар пайдо бўлиб, шахсий автомобилларга зарар етказиш билан шуғулландилар. Агар Деточкин айрим текинхўр шахсларни аниқлаб, сўнг машинасини ўғирлаган бўлса, унга тақлид қилувчи болалар саралаб ўтиришмади. Кимнинг машинаси тўғри келса мих билан чизишди, ғилдиракларини бигиз билан тешишди, ҳатто ўғирлашдан ҳам қайтишмади. Қўлга тушган болалардан «нима учун бундай қилдиларинг?»- деб сўралганда: «Нима учун уларда машина бор-у, бизда йўқ»,- деб жавоб қилишди. Улар ўзларини жиноятчи деб тан олишмади. Балки «адолат иши учун қурбонлар», деб ҳисоблашди. Уларнинг бу даъволаридан ажабланишнинг ҳожати йўқ. Уларнинг тушунчасидаги адолат мезони советлар ғоясига асосланган эди.

Қамоқдаги ўсмирларнинг маълум гуруҳидан «Нима учун тўдага қўшилиб қолдинглар?» деб сўралганида уларнинг 43 фоизи дўст топиш илинжида қўшилганларини айтишди. Қолганлари ота-онаси ёки ўқитувчиларга араз қилиб, қандай яшаш лозимлигини билмай, адолатсизликка қарши курашиш мақсадида, кутилмаган ғалати нарсаларга эришиш орзусида қўшилишган экан. «Тўдада қандай юмуш билан шуғулланар эдинглар?» деган саволга олган жавобларимизни умумлаштирсак мана бундай баён келиб чиқади: «Ошналар билан (улар «тўда» деган сўзни тилга олишмади) улфатчилик қиламиз, чекамиз, ичамиз. Пул керак бўлиб қолса, «йўловчилардан сўраймиз» (қандай сўрашлари аёндир?») Зериксак, шўхлик ҳам қилиб турамиз. (Бу шўхлик ҳуқуқчилар тилида «безорилик» деб аталади.)Баъзан уйда ётмаймиз. Ўқишдаги ёки ишдаги интизом бизга ёқмайди. Баъзан сўкишамиз, баъзан муштлашамиз. Қўлга ноёб нарсалар тушиб қолса, сотамиз. Баъзан кайф учун қорадори кукунини ҳидлаймиз. Истаганлар билагига ҳам олаверади. Ўзимизга ёққан нарсани оламиз...» Тўдага кириб қолган ўсмирларнинг сурурли олами шундан иборат. Тарбиячи уни бу оламдан қандай тортиб олиши мумкин? Ёки барчасининг тақдири бир - қамоқми? Афсуски, айрим ҳоллардаги якун шундай бўляпти.

Агар бошқа гуруҳ билан жанжал чиққудай бўлса, муштлашувни давранинг зўри эмас, нисбатан заифроғу аммо манманликда илғор бўлмиш бола бошлаб беради. Муштлашувда енгилиш аниқроқ бўлиб қолса, айнан шундайлар биринчи бўлиб қочадилар. Муштлашув оғир жиноят, айтайлик, одам ўлдириш билан якун топса шу болалар ёлғон гувоҳликни бера бошлайдилар. Ким кимни қандай ургани, тепганини зийраклик билан кузатиб тургандай батафсил тасвирлаб берадилар.(Бу ҳақда кейинроқ алоҳида сўз юритамиз.) Терговчини чалғитувчилар ҳам шу тоифадагилар бўлишади. Кўплашиб қилинган жиноятларнинг аксари тасодифий воқеадан бошланади. Атрофдагилар уларни жиноятчи сифатида танимай, уларнинг қилиқларини «ёшлик бевошлиги»га йўйишади. Уларга нисбатан қаттиқ талаб қўйилмаслиги бир томондан тўғри, бундай болаларнинг ўндан олти ёки еттиси эндиги қадамини ўйлаброқ босадиган бўлади. Шу сабабли бу тоифа болаларга жиноят оламининг фуқароси гувоҳномасини беришга шошилиш ярамайди. Булар бевошлик чегарасидан чиққану аммо жиноят кўчасига тўла кириб улгурмаганлардир. Уларга суднинг «қора курсиси»да ўтиришнинг ўзи кифоя қилади. Қамоқ жазоси берилмаса ҳам эсларини йиғиб оладилар. Ҳамонки болалар қамоқхонасини «ахлоқ тузатиш меҳнат колонияси» дейилар экан, адашганларнинг ахлоқини қамамай туриб ҳам тузатса бўлади. Бироқ, бу ўринда масаланинг мушкул жиҳати ҳам бор.

Кинотеатрга мажбурлаб олиб келинган бир неча мактаб ўқувчиларининг орасида жой талашиш оқибатида жанжал чиқади. (Шундай жойларга турли мактаб ўқувчиларини тўплаш тажрибасидан воз кечиш кераклигини таъкидлиб ўтмоқчимиз. Бир бирларини танимаган ўсмирлар орасида жанжал чиқиши эҳтимолини бензин тўла идиш олдида гугурт чақишга қиёсласак бўлади.) Агар турли мактаблардан турли гуруҳлар тўпланмаганида бола жой талашиб ўтирмас эди. Бу ҳолатда у ўзининг ёлғиз эмаслигини билади, агар индамаса «қўрқоқ» деган ном олиши ҳам унга маълум, ўртоқлари ҳеч бўлмаганда «нега индамадинг, тумшуғига туширмайсанми!»- деб маломат қиладилар. Бу ёқда қизлар кулиб қараб туришибди... Хуллас, кинозалдаги муштлашувни муаллимлар тезда тинчитишади. Кинотамоша тугагач, ўсмирларнинг тамошалари ташқарида давом этади. Энди бу ҳолатда «бирга бир чиқиш» деган гап йўқ. «Учга икки» ёки «еттига беш» ҳам йўқ. Жанжалнинг аввалида бўлган-бўлмаган болалар муштлашуви авж олади. Муаллималар болаларни бошқара олмай қоладилар. Шу жанжалда бир бола нобуд бўлади. Уни ҳеч ким қасддан ўлдирмаган, тасодифий тепкидан кейин жон берган. Муштлашувда иштирок этган болалар сўроқ қилинганда уларнинг тўқсон фоизи «жанжалга нимага аралашганимни ўзим ҳам билмайман», деб жавоб берганлар. Тергов жараёнида етти бола асосий айбдор сифатида аниқланди. Ана энди шу еттитадан қайси бири адашган, эртага бу йўлга қадам босмайди, қайси бирининг эса тузалиши қийин - буни аниқлаш жуда қийин. Эҳтимол марҳумни тепган болани кўпроқ айбларсиз. Айнан шу бола жанжални бошламаган, урушаётганларни тамоша қилиб турганида беҳос мушт еб, беиҳтиёр тепиб юборган бўлса-чи? Тергов ва суд жараёнида мактаб ва маҳалла томонидан ёзиб берилган тавсифномаларга эътибор берилади. Қамалиши эҳтимоли мавжуд ҳар бир боланинг руҳий олами, оилада ва мактабда ўзини тутиши, қизиқишлари эса алоҳида ўрганилмайди. Милитсия тавсифномаларга, гувоҳларнинг кўрсатмаларига, сўроқ натижаларига асосланади, суд учун эса терговчининг хулосаси асосий манба бўлади. Бу ўриндаги бизнинг таклифимиз ажабланарли, ҳатто ақлга сиғмас бўлиб кўриниши мумкин. Суд ёки терговчининг ҳар бир болани ўрганишга вақти йўқ, буни ҳимоячилар бажарсин, дейишингиз ҳам мумкин. Буни рад этмаймиз. Бироқ, ҳимоячининг шуғулланиши бошқа масала, ҳимоячининг фикрлари ҳамиша ҳам ҳақ гап сифатида инобатга олинавермайди. Иккинчи томондан биз жамиятимизнинг эртаси бўлмиш ўсмирларнинг тақдирини ҳал этяпмиз, шундай экан, бу муаммони адолатли равишда ечишда барча масъулдир.

Ачинарли жиҳати шундаки, ўсмирларга хос жиноят турлари ўрганилса, майхўрлик оқибатида қилинган жиноятларга ҳам дуч келинади. Янада ачинарлиси шуки, айримлар ҳали ўсмирлик оламига кирмасдан аввалроқ ароқхўрликни бошлаб юборадилар. Абу ад-Дардо (розиёллоҳу анҳу) ривоят қилган шарафли ҳадисда жаноб пайғамбаримиз салоллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладиларки: «Маст қиладиган ҳаром ичимликларни асло ичма, чунки улар ҳамма ёмонликларнинг калитидир.» Яна бир бошқа ҳадиси шарифда жаноб пайғамбаримиз «Хамр (яъни маст қилувчи ачитилган ичимлик) ёмонликларнинг онасидир»,- деб таърифлаганлар. Майхўрликни Оллоҳ мутлақо харом этгани (яъни тъқиқлагани), Қуръони каримда бу хусусда ояти карималар мавжудлиги кўпчиликка маълум бўлса-да, амал қилинмаслиги афсусли ҳолдир. Яратган Тангри Қуръондан аввал нозил қилган муқаддас китобларида ҳам майхўрликни таъқиқлаган. Тавротнинг Сулаймония қисмига ўхшаш 20-бобида «Шароб шарманда этади, мускир жанжалкашга айлантиради. Унга мубтало бўлган ақлли эмасдир»,-дейилган. 23-бобнинг 20-21- қисмларида эса: «Сарҳушлар, вужудини хор қилганлар билан улфат бўлма».-деб айтилган. Ва яна шу бобнинг 29-35- қисмларида: «Уларнинг ҳолига вой, бу шовқин-сурон, сабабсиз жароҳатлар, қизарган кўзлар кимники? Шаробдан ажралмайдиганларники, уни қидириб юрадиганларники. Шаробнинг қизиллигига, қадаҳдаги рангига ва ажойиб қуйилишига алданиб қолма!.. Охир оқибатда илон каби чақади, кўзларинг, қалбинг ёмон нарсаларни сўзлай бошлайди. Денгизнинг ўртасида ёнаётган кеманинг тубида ухлаётган каби бир ҳолатга тушасан».-дейилади. Ҳудди Таврот каби Юҳанно Инжилининг иккинчи боби 8-9- қисмларида бундай дейилади: «Парвардигор Ҳорунга деди: «сен ва ўғилларинг жамоат чодирига кирганингизда шароб ва мускир (маст қилувчи) ичадиганлардан бўлмангиз.» Бу мисолларни келтиришимиздан мақсад, майхўрлик фақат мусулмонларга эмас, барча инсониятга таъқиқланган. Жамиятимиздаги айрим одамлар буни яхши англаб етмайдилар ва тарбияларидаги фарзандларига тушунтира олмайдилар.

Кишини афсусларга соладиган ери шундаки, бу соҳадаги тарбияни анча кеч бошлаймиз. Айрим болаларга чекишнинг зарари ҳақида тушунтиришга уринаётган пайтимизда улар чекиш нима экан, ичкиликнинг кайфини тотишга улгурган бўладилар. Бунга фақат кўчанинг ёмон таъсирини сабаб қилиб кўрсатмаслик керак. Асосий сабабни ўзимиздан, баодоб, тарбияли ҳисобланмиш одамлардан ҳам излаб кўрайлик. Тўйларда, турли зиёфатларда дастурхонни ароғу конъяклар билан тўлдирувчи ким? Кўча безорилари эмасдир, а? Болаларнинг кўз олдида ичувчи, маст-аласт ҳолда алжировчи, беҳаё қилиқлар қилувчилар-чи? Бу бемазагарчиликларни норасидалар кузатиб тургани ҳеч ўйлаб кўриладими? Катталардан қолганини татиб кўришлари-чи? Ўсмирлар майхўрликка кўпроқ шундай жойлардан кириб келадилар.

«Бадмаст улфат - даврага кулфат», деб бежиз айтмаганлар. Ўсмирлар жиноят қилган пайтларда кўпинча бадмаст бўладилар. Мастлик чоғида ҳатто катталар ҳам ўзларини бошқара олмаганларидан кейин ҳали жисмонан етилмаган ўсмирнинг аҳволини гапириб ўтирмасак ҳам бўлади. Маълумотларга кўра, ўсмирлар оламидаги жиноятнинг 70 фоизи айнан шу бадмастлик оқибати экан. Қотил ўсмирларнинг ярмидан кўпроғи жиноят қилаётганларида маст бўладилар.

Ж. исмли ўсмир 17 ёшида қурилишга ишга кирди. Ҳунар ўргана бошлади. Ҳунарга қўшиб майхўрликни ҳам ўрганди. Оқибат шу бўлдики, бу соҳада устозларидан ҳам ўтди. Ишдан кетди. Энди нафсини қондириш учун нима қилиш керак? Ўғриликдан ўзга чораси борми? У атрофига 15-16 ёшли ўсмирлардан еттитасини тўплади-ю, босқинчиликни касб этди. Улар асосан озиқ-овқат дўконларини босардилар. Тўққизинчи босқинда қўлга олингунларига қадар маишатдан бўшамадилар. Ҳали ўн саккизга тўлмаган Ж. бу вақтга келиб кунда ичмаса чидолмайдиган хасталикка йўлиқиб бўлган эди.

Ўсмирларнинг жиноятлари ўрганилганда мана бу ҳолатнинг гувоҳи бўлдик: одамларнинг уйларига ўғирликка тушганларнинг 24-30 фоизи маст бўлган, давлат мулкини ўғирлаганларнинг 42-45 фоизи, безорилик билан қўлга олинганларнинг 75-95 фоизи, босқинчиларнинг 60-70 фоизи, талончиларнинг 60-70 фоизи, номусга тегишда айбланганларнинг 50-66 фоизи, тан жароҳати етказган муштумзўрларнинг 90-100 фоизи бадмаст бўлган.

Бир хонадон соҳиби бадмастликни касб қилиб олган. Кун йўқ-ки, ичмаса. Топганини совуради. Кўп ҳолларда ҳамшишаларини бошлаб келиб, уйда маишат қилади. Хотини ортиқча бир сўз айтиб юборса, дўппослайди. Д. исмли бола ана шундай шароитда улғайди. Бунақа шароитда иккидан бири бўлади: биринчи бўлимда қисман айтганимиздай, ичкиликка, зўравонликка қарши куч уйғониши ва ўзи ичмай, ичганлардан ҳазар қиладиган, аёлларни ўзи урмай, урганлардан нафратланадиган тарзда яшаши мумкин. Афсуски, бунақаси камроқ учрайди. Иккинчи йўл - «ота ўғил» сифатида шу ярамас йўлдан юриш. Д. шундай тоифадан эди. Отасининг маишатидан кейин шишаларда қолган ичимликларни ичиб, майхўрликни ўрганди. Сўкиб гапиришни одат қилди. (Ширинсўзликни унга ким ўргатсин?) Кунлардан бир кун ширакайф ҳолатда уйга қайтиб, яна эр-хотин жанжалига гувоҳ бўлди. Отаси одати бўйича муштини, тепкиларини ишга солганида уни тинчитишга уринди. Бадмаст ота энди ўғилга ёпишди. Д. отасига нисбатан нимжонроқ эди. Унга кучи етмади. Оқибат ошхонадаги пичоқни олиб чиқиб, отасининг қорнига санчди. Қотиллик қасддан қилинмади. Айтарсизки, Д. ўзини ҳимоя қилди, уни жазоламаслик лозим. Фикрингизга қўшила олмаймиз. Чунки бу ҳолатда ота ўғлини ўлдириш қасдида бўлмаган, Д. ўзини ҳимоя қилиш учун пичоқ кўтармаган. У маст бўлгани, ғазабини жиловлай олмагани учун отасини ўлдирган. Эҳтимол пичоққа югурганда отасини қўрқитмоқчи бўлгандир, «отам пичоқни кўриб шаштидан тушар», деб ўйлагандир. Агар маст бўлмаганида шундай пўписа билан чекланарди. Бироқ, мастлик унинг ҳушини ўғирлаган, ўзини бошқара олиш қувватидан маҳрум этган эди. Отани ўлдирганларни «падаркуш» дейдилар. Бу ҳолатда Д.ни шундай аташ мумкинми? Қисман мумкин. Агар ота майхўр эмас, онгли, баодоб бўлганида эди, жанжални Д. бошлаб, уни ўлдирганида эди, «падаркуш» деб атасак ярашарди. Ота ўғилдан ўлим топмоқликка ўзи харидор бўлди, бу ўлимини ўзи арзонгаровга сотиб олди. У-ку, ўлиб кетди, бундайларнинг боридан йўғи яхши, дейдилар. Бироқ, зурриёдининг ҳаётини ҳам захарлаб кетди, ана шуниси чатоқ!

Россияда, Янги йил куни ташвишли воқеа юз берибди. Бир киши Қорбобо кийимида кўчага чиққан экан. Ярим кечада 15-16 ёшлардаги уч ўғил ва уч қиз болага дуч келибди. Ўсмирлар ҳаммаси бадмаст, кўчани бошга кўтариб шовқин солганлари учун «Қорбобо» «Кеч бўлиб қолди, уйларингга боринглар», дейди-ю, балога қолади. Аввал ўғил болалар, сўнг қизлар унга ташланишиб, тепкилаб ўлдирадилар. Жиноятга аралашган қиз болаларни атайин таъкид этдик. Афсусланмасдан иложимиз йўқ-ки, йигирманчи асрда тарқаган ваболардан бири - айнан ёш қизлар орасида майхўрликнинг кўпайиб боришидир. Европада 14-15 ёшли қизларнинг бадмастликка майл қўйишлари ўтган асрнинг сўнгги ўн йиллигида қарийб икки мартага ошган. Агар аввалроқ қизларнинг майхўрлиги асосан 15 ёшдан кейин кузатилган бўлса, майхўр қизлар анча ёшаришди - 13-14 ёшлардаги қизлар ҳам милитсия назоратига ўтишди.

Озодликдан маҳрум этилган ўсмирларнинг элликтаси билан суҳбатлашилганда шуларнинг 12 фоизигина ичмаслигини айтди. 48 фоизи доимий эмас, унда-бунда ичаркан. 40 фоизи эса доимий равишда ичган. Болалар колониясининг хизматчилари биз билан суҳбатлаша туриб фарзандларини йўқлаб келувчи айрим ота-оналарнинг ароқ ташлаб кетишга уринишларини афсус билан гапириб беришди. Чиндан ҳам афсусланарли ҳол. Булар қандай нодон ота-оналарки, болаларини бу ерга бошлаб келган нарсанинг айнан шу ароқ эканини фаҳм этмасалар? Улар ташлаб кетган ароқ эгасига етиб борди, деб фараз қилайлик. Уни ичиб олиб, мастликда яна бир жиноят қилса, уч йиллик қамоқ муддати яна ўн беш йилга кўпайса, айбдор ким бўлади?

Гиёҳвандликнинг жиноятни туғдириши ҳақида бутун дунё ташвишланиб гапиряпти. Ўсмирларнинг бу балога тортилиши чиндан ҳам ҳар қандай жамият учун бир офатдир. Хумор тутиб, талвасага тушган (кома) пайтида гиёҳванд бир неча грам қора дори эвазига ўз онасини ўлдиришдан ҳам тоймайди.

Болалар колониясидаги бир гуруҳ тарбияланувчилардан «наша тортганмисиз?»-деб сўраганимизда уларнинг 34 фоизи «ҳа»,-деб жавоб беришди. Болалар ва ўсмирлар орасида гиёҳвандликдан ташқари «таксикомания» деган бало ҳам мавжуд. Гиёҳвандлик маълум маблағни талаб қилса, таксикоман озроқ пул билан маст бўлиши мумкин. Масалан, бир-икки шиша пиво ичади-да, сўнг бошини тселлофан халта билан буркаб, ўткир ҳид тарқатувчи бензинми ё пашша дори - дихлофосними ҳидлайди. Шу тарзда кайф қилади. Бу кайф оқибатда заҳарланиш, ҳатто ўлим билан ҳам тугаши мумкин. Кўп қаватли уйларнинг, ҳатто айрим мактабларнинг ертўлалари ва шунга ўхшаш хилват жойлар гиёҳванд ва таксикоманларнинг роҳатбаҳш масканига айланиб қолиш эҳтимоли бор. Шу боисдан ҳам ҳилват жойларни назоратдан четда қолдирмаслик зарур.

Бирон боланинг гиёҳвандга айланиб қолганини эшитсак, афсусланиб: «шундай ақлли бола уларга қандай аралашиб қолди?»- деймиз. Гиёҳванд тўдалар фақат ўзлари кайфланиб қолмасдан ўзгаларни ҳам бу йўлга тортишга ҳаракат қиладилар. Гиёҳванд моддаларни сотувчилар сафларига янги болани тортганларни бепул қора дори бериш билан рағбатлантириб турадилар. Бу сафга қўшилиб қолиш эса унча мураккаб эмас. Гиёҳвандлик ҳақидаги ҳужжатли филмга стсенарий ёзиш учун маълумотлар тўплаётганимда кўпгина кутилмаган воқеаларга гувоҳ бўлган эдим. Мана, шулардан бири: юқори синф ўқувчилари мактабни битириш олдидан тоғ сайрига чиқадилар. Болалардан бири наша ўраб чекиб, бошқаларни ҳам даъват этади. «Нима бўларкин?»-деган қизиқиш билан айримлар, жумладан, қизлар чекиб кўришади. Гиёҳвандлик оламининг эшигини очиш учун шу биргина чекиш ҳам кифоя қилади. Камдан кам болалар кейинги чекишдан ўзларини тўхтатиб қола оладилар. Ўша тоғдаги қизиқиш билан чекиш И. исмли қизни ўзига банди қилиб олди. У аста-секин гиёҳвандга айланди. У яхши ўқирди. Олий ўқув юртига ўқишга кирди. Аммо иккинчи йили ташлаб кетди. Турмушга чиқди. Фарзандлари ўлик туғилавергач, турмуши ҳам бузилди. Қорадорига пул топиш мақсадида охири ўғриларга қўшилди. Шу тарзда гулдай умр хазон бўлиши мумкин эди. И. кеч бўлса-да, эсини йиғиб олди. Даволана бошлади. Баъзилар ашаддий гиёҳвандларни даволаб бўлмайди, деб ҳисоблайдилар. Бу хато фикр. Тўғри, даволаниш жуда қийин ва узоқ давом этадиган жараён, лекин ноумид қарамаслик керак. Гиёҳвандни даволаш учун дори-дармонларнинг ўзи кифоя қилмайди. Бу борада яна икки муҳим омил бор: бири - бемордаги ирода кучи, иккинчиси - атрофидагиларнинг, яъни сиз билан бизнинг унга нисбатан меҳр-шафқатли бўлишимиз. Ундаги ироданинг куч олишига сиз билан бизнинг хайрихохлигимиз жуда муҳим. Ҳам жисмоний ҳам руҳий азобларни енгаётган бемор ёнида меҳрибонларнинг туриши зарур аҳамият касб этади.

Уни айблаш, танқид қилиш маъносидаги гаплар, узундан узоқ насиҳатлар, «гиёҳванд бўлиб нима орттирдинг?» каби дашномлар уни баттар эзади. Иродасини баттар парчалайди. Майхўрни майхўрлар, гиёҳвандни гиёҳвандлар ўз бағриларига мамнуният билан олишди, биз нима учун уларни кўкракларидан итаришимиз керак? Нега ботқоқдан тортиб олишга ҳаракат қилмаймиз? Тўғри, ҳамма ҳам шундай эмас, барчани бирдай айбламоқчи эмасмиз. Лекин майхўр ва гиёҳванд ўсмир учун асосан унинг ота-онаси ва яқинлари қайғурадилар. Даъвоимизни ўзгачароқ тарзда ифода этайлик-чи: майхўр ёки гиёҳванд ўзига етти ёт бегона болани бағрига олади. Биз-чи, биз етти ёт бегона болани бу ботқоқдан тортиб, ўзимизнинг бағримизга олишга уринамизми?

Тоғдаги наша чекиш воқеасини бекорга эсламадик. Биринчи марта тотиб кўриш турли ўсмирларда турлича ҳолатда бўлади. Уларнинг кўпроқ қисмига гиёҳвандларнинг ҳаёти озод ва эркин, тотли ва ҳузурбаҳш кўринади.Мана шу алдамчи ҳис, ёки ҳавас уларни бу оламга тортиб келади. Яна маълум бир қисми даврадагилар қўрқоқ демасликлари учун биринчи марта тотиб кўради. Бошқа бир тоифа эса гиёҳвандлар мақтаган кайф-сафодан баҳраманд бўлиш истагига бўйсуниб қолади. Суҳбатлашилган гиёҳвандларнинг ҳар иккидан бири ўртоқлари олдида уялиб қолмаслик учунгина наша чекишни бошлаганларини айтишди. Даволанаётган гиёҳвандлар билан суҳбатлашилганда уларнинг 25 фоизи кўчада, улфатчиликда ўрганганларини билдиришди. 12 фоизи дискотекада орттирган танишларидан ўрганганини, яна боғда сайр қилиб юриб, тўдага дуч келганини ёки ётоқхоналардаги танишлари таклифи билан тотиб кўрганларини айтишди.

(Жиноятчилар ҳақида гапирганимизда «ўсмир» деб асосан ўғил болаларни назарда тутяпмиз. Бунга сабаб жиноятчиларнинг ўндан тўққиз қисмини ўғил болалар ўндан бир қисминигина қизлар ташкил этади. Авваллари қизларнинг асосий қисми чайқовчилиги ёки ўғрилиги учун қамаларди. Ҳозир жиноят турлари ўзгарди. Энди «чайқовчилик» деб аталмиш жиноят тури йўқ. Олди-сотди эркин тарзда. Ҳозир қизлар ўғирлиги ёки ўғриларга шериклиги, товламачилиги, гиёҳвандлиги ёки гиёҳванд моддаларни сотиш билан шуғулланганлиги каби жиноятлари учун озодликдан маҳрум этиладилар. Улар орасида оғир жиноятлар жуда кам, йўқ даражада десак ҳам бўлади.)

Жиноятчилар орасида руҳий хасталар ҳам учрайди. Улар қамалмайдилар, махсус муассасаларда даволанадилар. Майхўр ва гиёҳванд жиноят қилаётган пайтида руҳий хастадан фарқланмайди. Аммо руҳий хасталарнинг касаллиги табиатдан, майхўр ва гиёҳвандлар эса ўзларини ўзлари мажбурлаб шу ҳолга олиб келадилар.

Ўсмирларнинг руҳий ҳолатини тиббий кўрикдан ўтказиш анча мушкул масала. Агар бирон ота-онага «фарзандингизни психиатр кўригидан ўтказинг», десангиз улар «нима, менинг болам жинни эканми?» деб ранжишлари табиий. Ўсмирлик оламига ўтаётган боладаги биологик ўзгаришларни айтган эдик. Руҳдаги ўзгаришлар ҳам ана шунинг натижаси ўлароқ юзага келади. (Тиббий тилда буни «руҳнинг парчаланиши» деб номланишини айтдик.) Бир мактаб ўқувчисининг юриш-туриши, гап сўзларида ўзгариш сезилади. У дугоналарига ҳам, муаллимларига, ҳатто ота-оналарига ҳам қўполлик қила бошлайди. Ўқиш ҳақида ўйламай қўяди. Тиббий соҳадан бир оз билими бўлган муаллима қизнинг ота-онасига уни психиатр врачга кўрсатишни тавсия қилганида аввал балога қолай дейди. Қизнинг феъл-атвори ёмон томонга қараб ўзгариб боравергач, ота-она ноилож врачга учрайдилар. Тажрибали психиатр ўсмир қиздаги ўзгаришнинг сабабини аниқлади. Маълум бўлишича, қизчанинг ошқозон ва ичагида хасталик юз оча бошлаган. Бунинг оқибатида у жинсий жиҳатдан балоғатга етиш бобида дугоналаридан ортда қолган. Ўғил бола ҳам, қиз бола ҳам бунақа пайтда руҳан тушкунликка тушади. Улардаги руҳнинг парчалана бошлашига ички касаллик ҳам таъсир кўрсатиши мумкин. Шунингдек, оиладаги нобоп ҳолатлар, яъни эр-хотин жанжаллари, эрнинг хотинни дўппослаши каби воқеалар ҳам бола руҳиятига салбий таъсир кўрсатади. Боланинг руҳиятида ўзгариш бўлди, деган гап врач томонидан дарров жиннихонага ётқизилади, дегани эмас. Психиатрдан ташқари руҳшунос (психолог) деган мутахассислар ҳам бор. Кўпгина ўсмирларга айнан уларнинг ёрдамлари зарур бўлади. Афсуски, ота-оналар уларга ҳам кам мурожаат қиладилар. Кунлари фолбинларга югуриш билан ўтиб, вақтни бой берадилар.

К. исмли бола ҳам ота-онанинг беъетиборлиги оқибатида жиноят кўчасига беиҳтиёр кирди. Буни илмийроқ таъбирда: «иҳтиёрида бўлмаган, бошқаришга қурби етмаган руҳий куч таъсирида жиноят қилди», десак ҳам бўлади. К. болалик чоғидаёқ ақлан заифлиги билан тенгдошларидан ажралиб турарди. Ҳозир ўқишни эплай олмаган болалар синфда қолдирилмайди. Ҳар қандай шароитда ҳам унга «уч» баҳо қўйиб бўлса-да, синфдан синфга ўтказадилар. Илгари бундай эмасди. Бир синфда икки ҳатто уч йил ўқийдиганлар учрарди.

Уларнинг аксари дангасалиги учун эмас, ақлан заифлиги учун дарсларни ўзлаштира олишмасди. Ота-она ва ўқитувчилар эса уни зўр бериб яхши ўқувчига айлантиришга уринаверишарди. Ҳозир бешинчи-олтинчи синфга қадар ҳам муаллимлар бундай болаларни чидам билан ўқитаверадилар. Тасаввур қилинг: ҳарф таний олмаган бола олтинчи синфда ўқиса?! К. ҳам шундай эди. Муаллимлар унинг ақлан заифлигини сезишарди, ота-онасига тушунтиришга ҳаракат қилишарди, бироқ, улар «менинг боламни жиннига чиқаряпсанларми?»- деб жанжал кўтаришарди. Улар ҳатто алоҳида муаллимлар ёллаб К.ни қўшимча равишда ўқитишди. Фойда бўлмади. Улар «душманларимиз боламизни дуо билан боғлаб ташлашган»,- деб фолбинлардан мўъжиза кутишди. Тўғри, К. жинни эмас эди. У фақат атроф муҳитни ақлан танишда ғоят суст эди. Кўрганини таҳлил этиш, хулоса чиқариш қобилиятидан маҳрум эди. Шу боис бирон нотўғри иш қилаётганини ўзи англаб етолмасди. К. ота-оналарининг истаги билан сакизинчи синфни битирди. Сўнг уни ишга жойлашди. К. дастёрликни ҳам эплаб бажаролмасди. У ёши каттароқ ишчилар учун эрмак эди. Уни масхаралаб кулардилар. Баъзан масхара бўлаётганини англаб, аччиқланарди. Баъзан эса одамларнинг нима сабабдан кулаётганларини билолмай ажабланарди. Оқибат шу бўлди-ки, К. доимий масхараланаётгани учун уларни жазолашга аҳд қилди. Жазони ўзи белгилади. Ишхонадагилар учун эрмак бўлмиш магнитолани ўғирлади. Эси бутун одам бу ихчам магнитолани кундуз куни ҳам олиб кетиши мумкин. Чунки ишчиларнинг дам оладиган хонаси ҳамиша очиқ бўлади. К. эса кечаси келиб, эшик қулфини бузди. Буюмни олиб чиқиб кетаётганида қоровул уни тўхтатди. К. эса гувоҳдан қутулмоқчи бўлди. Бу ишда К. айбдор деб топилди. Ундаги руҳий хасталик жиноятга етакловчи сабаб, деган хулосага келинмади. Буни биз электр лампочкага қиёслаймиз: бурагични бурасангиз, лампочка ўчади. Руҳий хасталик ҳам шундай. Маълум муддатда онги тамоман хиралашади, рўпарасидаги оқ-қорани ажрата олмайди. Кейин эса лампочка ёришгани каби одатдагидай яшайверади. Агар К.нинг ақли расо бўлганида қоровулнинг жонига қасд қилмасди. «Шу магнитофон зарур бўлиб қолди, эртага олиб келаман»,- деб кетаверарди. Қоровул ҳам «сен ўғирлик қилдинг»,- деб ёқасидан бўғмаган эди. Аммо, наилож, руҳий касалликларга доир фаннинг бу масалаларга қараши ўзгача. Шундай экан, руҳан хасталиги сезилган ўсмирларни назардан қочирмаслик керак. Уларнинг ҳар бир ҳаракатлари, гаплари ота-она, қариндош-уруғнинг эътиборида турмоғи лозим. Уларни масхаралаб кулиш оғир оқибатларга олиб келиши мумкинлигини унутмаслик шарт.

Ақлан заифларни халқимиз орасида турлича номлайдилар: тентак, аҳмоқ (ақлсиз), телба, меров, девона, жинни. (Ёки девонасифат, жиннисифат...) Тиббиёт соҳасида ҳам буни турларга ажратиб ўрганадилар, жиноятга доир ҳолатларда ана шу турлар инобатга олинади. Бу соҳада «шизофрения» (ақлан заифликнинг, бошқача айтганда руҳ парчаланишининг бошланиши) деб номланмиш хасталикнинг болаликка хос эканини унутмаслик керак. Мутахассиларнинг аниқлашларича, бу хасталик қизларга нисбатан ўғил болаларда уч марта кўпроқ учраркан. Бу далил кимларга кўпроқ эътибор бермоқ лозимлигини кўрсатади. Катталар мазкур хасталикнинг дастлабки даврига эътиборсиз қарайдилар ёки буни боланинг инжиқлиги, тарбиясизлиги ёки асабийлиги натижаси, деб ўйлайдилар. Н. исмли қизнинг тақдири ҳам шундай бўлган. 12 ёшига қадар яхши ўқиб, яхши юрган қизча дастлаб инжиқлик бошланган. Ота-онаси буни ўсмирликка ўтиш жараёнининг аломати, деб ҳисоблашган. Кейин гапга қулоқ солмаслик, гапга терс жавоб қайтаришликка ўтилган. Кейин асабий равишда қўлига нима тушса отиб юбориш бошланган. Унинг кулиб юбориши ҳам, асабийлашиши ҳам осон бўлиб қолган. Мактабда ҳатто болалар ҳам ундан қўрқадиган бўлиб, «псих» деб лақаб қўйиб олишган. Мактаб ундан тезроқ қутилиш чораларини излаган, у «безори» сифатида милитсия назоратига ҳам ўтказилган. Лекин милитсия унинг ҳатти-ҳаракатида жиноятга мойилликни сезмагани учун жиддий эътибор бермаган. Н. 16 ёшга тўлганида отаси вафот этган. Отадан ажралгани ҳақидаги хабарни мутлақо ҳиссиз равишда қабул қилган. Ғассол иш бошламай туриб «отанг билан хайрлашиб ол», деб чақиришганда ўликка қараб туриб кулиб юборган. Биров «жинни бўлиб қолибди», деган, бошқаси «ўткинчи ҳолат», деб ҳисоблаган. 17 ёшга тўлганида дискотекада тасодифий танишган йигитга онанинг ризолигисиз, тўйсиз эрга тегади. Орадан кўп ўтмай ажралишади. Онасининг гапларига мутлақо қулоқ солмайди. Батафсил баёнимиздан сезаётган бўлсангиз керак, оддий инжиқлик кўринишида бошланган хасталик аста-секин кучайиб боряпти. Унинг сўнг нуқтаси шу бўлдики, онанинг навбатдаги нолишидан безиб уни бўғиб ўлдиради. Кейин мурдани жойига ётқизиб қўяди. Шунда ўлик унга қараб кулгандай туюлади. Н. ошхонадан болтани олиб чиқиб, каллани чопади.

Кейин чарчагандай бўлиб, ётиб ухлайди. Уйқудан тургач, боши чопилган онасини кўриб даҳшатга тушади-да, милитсияга югуради. У тергов пайтида ҳам, суд жараёнида ҳам ҳатти-ҳаракатларини тушунтириб бера олмади. Бировлар унинг ваҳшийлигидан даҳшатга тушишган бўлишса, бошқалар шу пайтгача хасталикни даволатишга уринилмаганидан ажабланишди. Суд Н.ни махсус руҳий шифохонада узоқ муддатли мажбурий даволашга ҳукм этди. Эндиги даволаниш қандай самара берар экан? Шифо топган тақдирда ҳам боши узилган онасининг қиёфасини унута олармикан?

Руҳий хасталикка доир тиббиётда тутқаноқ, маникал-депрессив психоз, миянинг лат ейиши оқибати, турли касалликларнинг асорати ҳисобланмиш энтсефалит каби ўнлаб турлари мавжудки, буларнинг аксари болаликда бошланади ва мутахассисларнинг фикрича, муолажа вақтида бошланса ёмон оқибатларнинг олди олиниши мумкин.

Матбуотда бир жиноят тафсилотини ўқиб қолдим. Унда бир йигитчанинг ўз кеннойсини ўлдириши тафсилоти берилган. Қотил жиноят содир бўлишидан анча аввал бошидан жароҳатланган экан. Шундан кейин бош оғриғидан шикоят қилиб юраверган. Суд жараёнида у тиббий текширувдан ўтганда руҳий касаллик йўқ, деб хулоса беришган. Уларнинг таъкидлашларича, қотил кеннойисини дазмол билан уришдан олдин уни электр токидан узган, мурданинг устидан қайнаб турган шўрвани қуйишдан аввал газни ўчирган, уйдан чиқишда эшикни қулфлаган. Тиббий таҳлил буни эси соғликнинг белгиси, деб белгилаган. Биз бу борада улар билан баҳслашмаймиз, қотилни кўрмаганмиз, у билан суҳбаташмаганмиз. Лекин бошининг жароҳатланиши туфайли хасталикдан нолиб юриши бежиз бўлмагандир. Кеннойиси билан жанжални бошлаганида эҳтимол, эси соғ бўлгандир. Аммо асабийлаша бошлагач, ундаги руҳнинг парчаланиши тезлашган, нима қилаётганини ўзи ҳам билмай қолган бўлиши ҳам мумкин. Чунки онги хиралашмаган ҳолатида кеннойисини дазмол билан ура бошласа, унинг жони чиққанини кўргач, қўрқув талвасасига тушади. Мурданинг устига қайнаб турган шўрвани ағдариши унинг айни ўша онларда хасталикка банди бўлганини билдирмасмикин? Бундай хасталик доимий давом этмайди. Буни халқда «жиннилиги (ёки касаллиги) тутиб қолди», деб ҳам атайдилар. Қотил билан кеннойи орасидаги жанжални келтириб чиқарган яна бир омил бўлиши мумкинки, бу ҳақда яна бир жиноят тафсилотини баён қилгач, фикрлашамиз.

Биз қайнона-келин муносабатлари ҳақида кўп гапирамиз. Аммо қайни (ёки қайноға) - келин орасидаги муносабат эътиборимиздан четда қолади. Агар қайни ёш бола бўлса кеннойиси уни ўз укасидай кўриб, меҳрибонлик қилади. Ёш қайни ҳам кеннойисини ўз опасини яхши кўргандай иззат қилади. Лекин ўсмирлик оламига кирган қайнида ўзгача хис уйғониши эҳтимоли ҳам бор. Буни «орада шайтон бор», дейдилар. Тиббий тилда айтилса, ўртада ҳирс деган жиловланмас туйғу бор. Ака ва ука йигирма йилнинг нари-берисида ҳамиша бирга бўладилар. Хатто бир хонада ётиб-турадилар. Ака уйлангач, ука ёлғиз қолади. Кеч тушганда келин-куёвнинг ётоқларига кириб кетишлари ўсмир руҳига сезиларли таъсир этади. У туни билан тўлғониб, ухламай чиқиши ҳам мумкин. Бунақа пайтда унинг онгини ҳирс захарлай бошлайди ёки акасидан айириб қўйгани учун кеннойисидан нафратланди. Бошқача айтсак, ўзига хос рашк пайдо бўлади.

Дам олиш куни ака укасига пул бериб, пиво олдириб келади. Аканинг меҳрибонлиги тутиб, укасини ҳам пиво билан сийлайди. Суҳбатлашиб ўтириб гап кеннойисига бориб тақалганда, ука «хотинингни хайдаб юбор, ойимни ҳурмат қилмайди», дейди. Маълумингизким, хонадонда қайнона-келин орасида жанжал чиқса, қайни ҳамиша кеннойисига қарши туради. Онасининг ноҳақлигини билиб турса ҳам, унинг ёнини олади. Пиводан сархуш уканинг талабига фақат онага бўлган беҳурматлик сабаб эмасди. Асосий сабаб - юқорида зикр этганимиз руҳий ҳолат эди. Аммо бу ички сирнинг ҳеч замон сиртга чиқарилмаслиги ҳам маълум нарса. Хуллас, ака-ука орасида жанжал бошланиб, ука паншахани акасининг кўксига санчади. Жиноят содир бўлгандан кейингина ота-она «боламда руҳий касал бўлса керак, бўлмаса акасини ўлдирармиди», деб даъво қилишади. Биз барча қайнилар кеннойисига нисбатан шундай муносабатдалар, деган даъводан йироқмиз. Бироқ, ота-оналар бу масалага эътиборсиз қарамаганлари маъқул, деб ҳисоблаймиз. Айниқса йигитчаларнинг кеннойилари билан бир уйда ёлғиз қолишларига йўл қўйилмагани маъқул. Чунки орада ўсмир руҳини осонгина парчалашга қодир шайтон алайҳилаъна бор...

Шаҳардаги жиноят билан қишлоқдагисини айри-айри ҳолда таҳлил этмоқлик талаб қилинади. Шаҳарда ўсмирнинг жиноят кўчасига кириши осонроқ. Шаҳарда жиноят қилиш учун ҳам, унинг изини ёпиш учун ҳам шароит қишлоқдагидан яхшироқ. Шаҳарда ўсмирнинг назоратсиз бўш вақти кўп, қишлоқдаги ўсмир бу имкониятдан маҳрум. Шаҳарда кўча «зўр»лари, нашаванд, гиёҳванд тўдалари етарли, Ўсмир баъзан ўзи истаб, интилиб, баъзан беиҳтиёр равишда уларга қўшилади. Қишлоқда бу имконият ҳам чекланган. Шу каби сабаблар туфайли шаҳарда жиноятчилик қишлоқдагидан кўра кўпроқ. Жиноят турларида ҳам сезиларли фарқ мавжуд. Қотиллик, номусга тегиш, катта миқдордаги ўғирлик ёки босқинчилик қишлоқда камроқ учрайди. Қамалиб чиққан ёки бўйсунмас ўсмирни қишлоқда назорат қилиш осонроқ. Кўпчиликнинг назоратида остидаги ўсмирни жиноят кўчасининг остонасида ушлаб қолиш имконияти мавжуд.

Аввалдан пухта ўйланган, режаланган жиноятлар ҳам қишлоқда камроқ учрайди. Бу ердаги жиноятларнинг кўпи тасодиф туфайли бўлиши мумкин ёки катталар томонидан уюштирилади. Тошкент яқинидаги шаҳарчада икки ўсмир телефон кабелини кавлаб ўғирлаётганда қўлга тушишади. Уларни катталар ишга солгани шубҳасиздир. Улар оддий нарсани - кабелнинг бир ери кесилса ўша заҳоти кузатувчиларга сигнал берилиб, маълум бўлишини билмаганлар. Шунингдек, давлатга тўрт миллион сўм (тўрт минг доллар атрофида) зарар келтирганларини хаёлларига ҳам келтирмаганлар. Бу ишга даъват қилган катталар уларга ўн доллар ваъда қилганлар. Ўсмирлар кабелдаги мис ва қўрғошин қопламалар эритилиб, сотилишидан ҳам бехабар бўлганлар. Назоратчилар етиб келишганда ўсмирлардан бири қочган, қўлга тушгани эса «кабелни бир ўзим олятувдим»,- деб туриб олган. «Нима учун белкурак иккита эди?»- деган саволдан кейингина шеригини айтган. Шунда ҳам иш буюрувчиларнинг кимлигини айтишмаган. «Бозорда кўрувдик, танимаймиз»,- деб туриб олишган. Катталар ўн доллар ваъда қилишганда ишнинг бу томонини пишиқлаб қўйишгани аниқ. Ўсмирларнинг ота-оналари учун бу жиноят арзимас гапдай туюлган. Кабелни кавлабди, кесибди... Шунга шунчами? Болаликда бунақа бевошлик бўлиб туради-да. Моддий зарардан ташқари агар ўша алоқа воситаси мудофаа аҳамиятига эга бўлса-чи? Ёки касалхоналар маълум муддат алоқасиз қолган бўлишса-чи? Шу туфайли беморга вақтида ёрдам берилмаса-чи? Ота-она буларни ўйламайди.

Улар биринчи галда болаларини қамоқ жазосидан қутқариб қолмоқ ташвишидан бўладилар. Милитсиядагиларни кўндиришгач, улар меҳрибонлик қилиб болаларни қутқариш «йўли»ни ўргатадилар. Даъво қилувчи ташкилот, яъни алоқа идораси «даъвоимиз йўқ», деб ариза берса, болларни қўйиб юборамиз»,- дейишади. Шубҳасиз, ота-она шу идора раҳбарига учрайдилар, аввалига ялинадилар, сўнг «Сенда виждон борми, болаларни жувонмарг қиласанми!»- деб койишади, айблашади. Қаранг, ота-она жиноят қилган боласини эмас, жабр кўрган идорани айблаяпти. Айтайлик, алоқа идораси даъвосидан воз кечиб, моддий зарарни давлат ҳисобидан қоплади. Яъни таъмир ишлари давлат ҳисобидан бўлди. Болалар озод этилди. Эҳтимол улар бу ишга бошқа қўл уришмас. Лекин ишбоши катталар бошқаларни даъват этмайдиларми? Бошқалар «қўлга тушсак барибир қамалмас эканмиз», деб ишга киришмайдиларми?

Ўсмир ҳали бола ёшидаёқ ўзини бошқалар билан таққослайди. Ҳам ҳуснини, ҳам кийим-бошини, ҳам оила ва мактабдаги мавқеини солиштиради. Бу дегани унинг қалбида рашк, ўзининг омадсизлигидан норизолик уйғона бошлайди. Бу иллат кейинчалик бошқа бир иллатни уйғотади уни ўч олишга ундайди. Ўч олиш аввал кичик доирада бўлади. Масалан, ўсмирнинг кўнгил қўйган қизини бошқа бир бойроқ ёки чиройлироқ ёки эътиборлироқ бола ўзига қаратиб олса унинг адабини бериб қўйиш чорасини излайди. Агар жисмоний жиҳатдан кучи етмаса турли пасткашликлардан: чақимчилик, туҳмат, бирон буюмига яширинчи шикаст етказишлардан ҳам қайтмайди. Бир кўчада яшовчи бадавлатроқ хонадоннинг кўчада қолдирган автомашинасини кимдир мих билан чизиб ташлайди. Бу воқеа такрорлангач, айбдорни пойлаб, ушлашади. Маълум бўлишича, шу хонадон фарзандининг синфдоши ўч олиш мақсадида шундай қилар экан. Майда ўч олишлар шу билан тугай қолса кошки эди. Бу норозилик бола улғайгани сайин куч тўплай боради. Энди улар алоҳида шахсдан эмас, жамиятдан ўч олишни режа қиладилар. Уларни жиноят оламига айнан шу иллат бошлаб киради.

Ана шундай омадсизлардан бири ўзига хос тўда тўплайди. Унинг ўзи ўқишни яхши кўрса-да, олий ўқув юртига киролмаган, болалик орзулари хазонга айланган. Ёнига олган шериклари ҳам шундай: бирининг спортда, бошқасининг мусиқада, яна бирининг тижоратда омади юришмаган. Улар ўзларини ҳаётда адолатсиз равишда жабр кўрган ҳисоблаб, омадлиларни жазолашга ўтганлар. Жазолаганда аёвсиз, шавқатсиз бўлганлар. Ҳам талаганлар, ҳам ўлдирганлар. Улар қўлга олинганларида маълум бўлишича, тўдабоши ичмас, чекмас, аёллар билан маишат қилмас экан. Топилган пулнинг оз қисми билан қаноат қиларкан. Ҳолбуки, талончи ва босқинчи тўдаларнинг асосий мақсадлари - бойиш ва маишат қилишдан иборат. Тўдабошида бундай истак йўқ экан. Унинг нияти - фақат ўч бўлган.

Ўтган асрнинг охирроғида Россияда содир бўлган жиноятлар шодаси барчани ўйлаб кўришга даъват этади. Ўндан зиёд қиз-жувонни зўрлаб, кейин ўлдириб, сўнг эса гўштидан чучвара тугиб еган одамхўрнинг жиноят йўлини ҳам ўч-қасос олиш истаги белгилаган. Унинг онаси суюқоёқ бўлган экан. Она уйга эркакларни бошлаб келганида, у турли баҳоналар билан кўчага чиқариб юборилган. Айнан шу ҳолатларда унда аввало аёл зотига нафрат, сўнг эса жамиятдан ўч олиш ҳисси уйғонган. Катта бўлгач эса, у болаликдаги хаёлларини амалга оширишга киришган.

Жамият томонидан берилувчи жазо масаласини дунё мамлакатлари ўзларига ҳос тарзда ечадилар. Масалан, Франтсияда 18 ёшга тўлмаганлар қамоққа олинмас экан. Биз ўқувчи болаларни мактабнинг ўзида жазолаш (Муаллимлар томонидан уриш) тарбияга тўғри келмайди, деб ҳисоблаймиз. Ўтмишда қўлланилган бу усулни қоралаймиз. Американинг 13 штатида эса бу масалага ўзгача қарашади. Бу штатларда қабул қилинган қонунга кўра мактаб муаллимлари бевош болаларни жазолаш ҳуқуқига эгалар. Бизда эса бўйсунмас болаларга «колонияга бериб юбораман», деб дўқ урилади халос. Бундай дўқдан чўчиб яхшилик томон бурилган болани ҳали ҳеч ким учратмаган бўлса керак. Бола безор қилавергач, мактаб маъмурияти уни милитсия назоратига топширади. Аммо бу ҳам етарли самара беролмайди. Чунки болани рўйхатга олган милитсия нозири унинг ҳар бир қадамини доимий равишда кузата олмайди, бу - бирламчи. Болани тарбиялаш билан мутлақо шуғулланмайди, фақат назорат қилиш билан чекланади бу - иккиламчи. Учинчи томони шуки, нозир фақат ўсмирнинг ўзини кузатади, унга таъсир этиши мумкин бўлган, жиноят сари етаклаётган катталарни назорат қила олмайди.

Англияда политсия бола феъл-атворини ўрганишни боғчадан бошлар экан. Боғчада ўйинчоқларни зўравонлик билан тортиб олувчи, ўртоқларини бераҳмлик билан урувчи, ёки чақимчилик қилувчи ва шунга ўхшаш ёмон иллатларга мойил болалар рўйхатга олиниб, кузатиб бориларкан. Эҳтимол бу тўғри усулдир, ўртоқларини бераҳмлик билан урувчи бола агар тўғри тарбия қилинмаса келажакда қотилликдан тоймас бўлиб чиқар. Кези келганда биздаги болаларни назорат қилувчи милитсия нозирлари ҳақидаги фикримизни баён қилсак: милитсиянинг назорат рўйхатига тушди, дегани болаларни ёмонликдан оз бўлса-да, тўхтатиб туришини тан олмоқ керак. Аммо бу ўринда «қандай одам милитсия назоратчиси бўла олади?» деган муаммо ҳам мавжуд. Аввалги бўлимда тўгаракларнинг раҳбарлари биринчи галда тарбиячи бўлмоқликлари лозим, деган фикрни билдирган эдик. Шунга кўра милитсия назоратчиларининг тарбиячи мартабасида бўлишлари ғоят зарурдир. Ўсмирга дўқ уриб «нима қилиб юрибсан, ишлаяпсанми ё ўқияпсанми, бекор лақиллаб юрсанг қаматиб юбораман», деган билан иш битмайди. Милитсия нозири ўсмирлар боши узра қамчи ўйнатувчи эмас, яқин, ишончли, маслаҳатгўй дўст мақомига етмас экан, унинг хизматидан наф кам. У адашган ўсмирга бевошлик кўчасидан чиқиб кетиш йўлини кўрсата оладими? Ечими мушкул масала айнан шу ерда. (Бу масалада кейинги бобда алоҳида фикрлашамиз)

Ўсмирларнинг жиноят кўчасига кирувлари жамиятнинг оғриқ хасталикларидан биридир. Советлар даврида буни капитализмга хос иллат деб таърифлашарди. Совет жамиятида ўсмирлар орасида жиноятчиликнинг ошиб боришини тан олгилари келмай, кўп маълумотларни яширишарди, ёки камайтириб кўрсатишарди. Оқибат шу бўлди-ки, касални яширганлари билан иситмаси ошкор қилди. «Бобурнома»да зикр этилганидек:

Ҳазар кун зи дарди дарунҳои реш,

Ки реши дарун оқибат сар кунад,

Баҳам бар мазан то тавони диле,

Ки оҳе жаҳоне баҳам барзаад.

(Яъниким, ички яралар дардидан ҳазар қил! Чунки ички яра ахир юзага чиқади. Қўлдан келганича ҳар бир дилга озор берма! Дилдан чиққан бир оҳ бир жаҳонни барбод қилади.)

Донолар башорат қилгандай бўлди - ички яралар юзага чиқди.

Жиноятнинг илдизи қаерда? Ўтмиш жамият файласуфлари инсонни инсон томонидан эзиб ишлатилиши, шаҳсий мулкчилик тузуми ва яратилган неъматларнинг бўлинишидаги адолатсизлик - жиноятни келтириб чиқарувчи асосий сабаблардир, деб ҳисоблашарди. Ажабланарлиси шундаки, жиноятнинг бу ижтимоий-сиёсий сабаблари совет тузуми даврида йўқотилди. Аммо жиноятнинг ўсиб бориш жараёнига барҳам беришга ожизлик қилинди. Ўша даврнинг ва ўша жамиятнинг олимлари бу холни аввалига «капитализм қолдиқлари» деб баҳолашди. Кейинроқ эса «буржуа идеологиясининг ўсмирлар ва ёшлар онгига зарарли таъсири», деб таърифладилар. Уларнинг даъволарича, капитал дунёси мафкураси ва ғояси тинимсиз равишда, турли воситалар ёрдамида ўсмир ва ёшлар онгини захарлашга уринар экан. Ўша даврда бу хусусда эълон қилинган мақолаларнинг бирида фикрларининг исботи тариқасида айтилишича, «Америка овози» радиостантсияси турли каналлар орқали 37 тилда, умумий ҳисобда кунига 80 соат радиоешиттиришлари бераркан. Шундан 56 соати СССР ва бошқа сотсиалистик мамлакатлар аҳолиси учун экан. Яна капиталистларнинг «Тайм», «Лук», «Лайф» каби журналлари ҳам бор экан-ки, булар ҳам буржуа тарғиботига хизмат қиларкан. Ўша замоннинг ҳақиқати шу эдики: ним яхши бўлса - совет турмуш тарзи, нима ёмон бўлса буржуа мафкурасининг таъсири. Ғоялар ва мафкуралар кураши мавжудлиги аниқ, буни инкор этиб бўлмайди. Иқтисодий манфаат мавжуд экан, бундай кураш ва зиддият турли мамлакатлар орасида сақланиб қолаверади. Ўтмиш мафкурачиларининг даъволари асоссиз эканини англаш учун ўртага бир савол қўйиш лозим бўлади: ўсмирлар ва ёшлар орасида жиноятчилик кўпайиб бораётганига буржуа мафкурасининг зарарли таъсири сабаб экан. Дуруст, у ҳолда жиноят туфайли қамалганлардан сўраш жоизмикин, улар «Америка овози»ни эшитганмикинлар, «Тайм» ва бошқа журналларни ўқиганмикинлар? Совет мафкурачилари қоралаган мафкура воситалари асосан сиёсий йўналишда кураш олиб борардилар. Уларда совет турмуш тарзининг ярамас томонлари фош этиларди. Ўғирликка, қизларнинг номусига тегишга, одам ўлдиришга, порахўрликка, талончиликка... тарғиб қилинмас эди-ку?

Ундан ташқари «Коммунизм қурувчисининг ахлоқ кодекси» деган нарсалар мавжуд эди-ку? Наҳот советча тарғибот буржуача даъват олдида ожиз бўлиб қолган бўлса? У замонларда булар ҳақида ўйланмас эди, ҳамма айбдорларни четдан қидириш билан машғул эди. Ҳақиқат эса ўзгачароқ эди. Асосий мақсаддан бир оз чалғисак-да, бугунги жиноятлар илдизини аниқлашга ёрдами тегар, деган мақсадда айрим далилларга мурожаат этмоқчимиз:

Советлар ҳукмронлигининг сўнгги ўн йиллигида болалар ва ўсмирлар орасидаги жиноятчилик кескин даражада ўсди. Жиноятчиликни камайтириш эмас, унинг ўсишини тўхтатиш масаласини ечиш ҳам мумкин бўлмай қолди. Бу ўсишни селга ёки қор кўчкисига ўхшатсак лоф урмаган бўламиз. Бугун Россия ва унинг қўшнилари бўлмиш мамлакатлардаги уюшган жиноятчилик, ёлланма қотиллик, ҳатто жиноятчиликнинг сиёсий ўйинларга аралашуви натижасидаги фожиалар сир эмас. Хўш бу ёвузликлар қачон туғила қолди? Ўтган асрнинг саксонинчи-тўқсонинчи йилларида жиноят оламига кириб келган ўсмирлар бугунги кунга келиб ўлжаларини ўлдираётганда қўллари қалтирамайдиган ашаддий қотилга айланишган. Бугунги «қонундаги ўғрилар» эндигина киссавурликни ўрганаётган дамларда, яъни 1980-1990 йиллар оралиғида, «бепоён» деб сифатланмиш советлар мамлакатидаги жиноятчилик бир ҳилда ривожланмаган эди. Шу туфайли улар уч даражага бўлинганди. Биринчи даражага болалар ва ўсмирлар орасидаги жиноятчилик бениҳоя тарзда ўсаётган жумҳуриятлар киритилган. Яъни Эстония, Латвия ва РСФСР бу борада «қора рўйхат»нинг аввалида турардилар. Иккинчи даражани Белорусия, Молдова ва Литва эгаллагандилар. Кавказ ва Ўрта Осиё жумҳуриятлари сўнгги поғоналарда турардилар. Ўша йиллари Латвияда ҳар юз минг аҳолига ҳисоблаганда 857 жиноят тўғри келган. Бу рақам бутун СССРга қиёсан олинса, йигирма беш фоиз кўпроқ деган гап эди. Россия ва Эстонияда бу кўрсатгич янада юқори бўлган. Биз ўрганаётган ўн йилликда бу юртларда ўсмирлар орасидаги оғир жиноятлар 30 фоизга ошди. Шундан, қотиллик уч мартага, номусга тегиш, босқинчилик ва талончилик эса икки бараварга кўпайди. Латвиянинг пойтахти ҳисобланмиш Рига шаҳрида мамлакат аҳолисининг учдан бир қисми истиқомат қилади. Жиноятлар сони тақсимланса, Латвиядаги жиноятларнинг тенг ярми унинг пойтахтига тўғри келади.

Шаҳарда ҳар куни 30-35 жиноят рўйхатга олинса, шунинг 10-15тасини ўсмирлар амалга оширар эдилар. Ўсмирларнинг жиноят оламига кириб қолишларига иқтисодий қийинчиликни сабаб қилиб кўрсатувчилар мана бу далилни ўйлаб кўрсалар дуруст бўларди. Латвия ва унга қўшни мамлакатларда яшовчилар совет даврида Ўзбекистон аҳолисига нисбатан иқтисодий жиҳатдан яхшироқ таъминланган эдилар. Бизда топилиши қийин маҳсулотлар, тансиқ неъматлар уларда тўкин-сочин эканини рақамлар ҳам тасдиқлайди, борган одамлар эса тўкинчиликларни ўз кўзлари билан кўриб ҳайратланиб келардилар. Асли бир бўлган мамлакатда ана шундай ноинсофлик мавжуд эди. Масаланинг бу томонини сиёсатчиларнинг эътиборига ҳавола қиламиз. Биз эса иқтисодий жиҳатдан камроқ таъминланган Ўзбекистонда болалар ва ўсмирлар орасидаги жиноятчилик тўкин-сочин Латвияга нисбатан икки баравар кам бўлганини таъкидлаб ўтамиз. Советлар даврида ҳамиша мақтовга сазовор бўлган Москвадага аҳволга фақат ачиниш мумкин. 1990-2000 йиллар мобайнида Европанинг энг катта шаҳарларидан бири бўлмиш Россия пойтахтида ўсмирлар орасидаги жиноятчиликнинг умум жиноятчиликдаги ҳиссаси 6,7 фоиздан 25,2 фоизга кўтарилди. Диққатни тортадиган яна бир жиҳати, енгилроқ жиноятлар камайиб, оғир жиноятлар сезиларли даражада ўсди. Фикримизнинг далили учун аввалги бобларда баён қилганимиз онаси ва акаларини чопиб ташлаган ўсмирни эсласак кифоядир.

Мутаҳассислар жиноятнинг келиб чиқиши масалаларини ечиш мақсадида яқин тарихга кўп мурожаат этишлари тайин. Тарихдан ҳақиқат излаганларида улуғимиз Абдулҳамд Чўлпоннинг бир байтларини эътиборга олсалар:

«Дерларки: «Ойларнинг нурида вафо йўқ!»

Демаслар уларки: «Айб бизда, биз бузуқ!»

(Совет замонасини эслашдан муддао шулки, бугун бизнинг жамиятимизда рўй бераётган жиноятчилик ўша ўтмишдан ўтиб келган ярамас меросдир. Совет тузуми даврида патос боғлаган яра энди ҳам жамиятга азоб бермоқда. Энди замон бошқа, касални яширишга уриниш эмас, уни даволашга ҳаракат қилиш замонидир. Содир этилган жиноятларни таҳлил этишдан мақсад ҳам шу - буларнинг такрорланмоғига йўл қўймаслик чоралари излаш.)

Жиноятлар илдизини топиш учун турли мамлакатлар турли йўналишларда фикр юритадилар. Бу табиий. Бир мамлакатдаги шарт-шароит билан иккинчи бир мамлакатдагиси орасида осмон билан ер оралиғи қадарли фарқ бўлиши мумкин. АҚШ билан Мексика ён қўшни. Аммо ҳар иккисида жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари ва оқибатлари бир ҳил дея олмаймиз. Айримлар жиноятчиликни диний йўналиш бўйича белгиламоқчи бўладилар. Бироқ, ҳақиқат шуки, исломни байроқ қилиб олган мамлакатларда ҳам ўсмирлар орасида жиноятчилик учраб туради. Фалсафий тушунчага кўра, сабаб - оқибатни туғдиради. Ҳар икки тушунчани боғлаб турувчи ички қонуният мавжуд. Сабаб ва оқибат ҳаётнинг беҳисоб занжир ҳалқаларидан биридир. Алоҳида сабаб, алоҳида оқибат бўлмайди. Айниқса ҳозирги кунларда мамлакатлар орасидаги руҳий-маънавий чегаралар бузилиб кетган замонда жиноятларга хос хасталикларнинг «юқиши» осонлашиб қолди. Агар юз йил илгари Мисрда вабо тарқалса, бу хасталик ўша атрофларга юқиши, узоқ ўлкаларга етиб келмаслиги ҳам мумкин эди. Бугунги кунда эса ҳар қандай юқумли хасталик энг узоқ мамлакатга ҳам бир неча кунда етиб бора олади. Маънавий хасталиклар ҳам шундай. Жиноят оламига етакловчи бемаъни одатлар, қилиқлар ҳам ўша жойнинг ўзида йўқ бўлмай тарқаяпти.

Бизнингча жиноятнинг илдизи, ўқ томири ҳар қандай жамиятда бир ерда - нотўғри тарбияда. Жиноят дарахтини қуритиш учун патак илдизларни қирқиб қўйиш кифоя қилмайди.

Жиноятчиликни оилавий шароитга боғлаб фикр юритишга кўникиб қолганмиз. Бу ҳақда аввалги бобларда бир-икки сўз айтган эдик. Бировлар нобоп оиланинг болалари жиноятчи бўлади, деса, бошқалар бойларнинг тантиқ фарзандларини айблашади. Тадқиқот натижалари эса ўзгачароқ ҳақиқатни аён қилади. Аҳлоқ тузатиш колониясига борсангиз, турли оилаларнинг фарзандларини кўрасиз. У ерда бир йил нобоп оилаларнинг болалари кўпроқ бўлса, иккинчи йил бойларники кўпайиши мумкин. Рақамлар муқим эмас, ўзгариб туради. (Яна ҳақиқат шуки, бойларнинг фарзандлари кам, дегани улар орасида жиноятчилик озроқ эканини англатмайди. Улар жиноятчи болаларининг ишини қамоққа олиб келмасликка ҳаракат қиладилар.) Биз ўрганган вақтда аҳвол бундай эди: қамоққа тушган болаларнинг 61 фоизи жиноят кўчасига киргунига қадар ота-онаси билан яшаган. Турмуш шароитлари унчалик ёмон ҳам бўлмаган. Жиноятчиларнинг 28 фоизи фақат онаси билан яшаган, отасиз ўсган. 7,6 фоизи она ва ўгай ота билан билан, 1,1 фоизи ота ва ўгай она билан бирга яшашган. Жиноятчиларнинг 2,3 фоизини ота-онасиз етимлар ташкил этган. Ўрганилган пайтда жиноятчилар орасида фақат отаси билан яшовчи ўсмирлар йўқ эди.

Мазкур тадқиқот жиноят турларига бўлиниб ўрганилганда сал ўзгачароқ манзара юзага келди. Ашаддий ўғриларнинг 27,3 фоизи бу йўлга ўтгунларига қадар ота-оналари билан бирга яшаганлар. Ҳаётдан нолийдиган томонлари бўлмаган. 17,3 фоизи етим бўлган, 49,1 фоизи отасиз ўсган, 6,3 фоизи онасиз улғайган. Бундай тадқиқот безориларга доир ишлар юзасидан ўтказилганда безори ўсмирларнинг 32 фоизи ота-онаси билан яшаганлиги, 68 фоизи эса отасиз ўсганлиги, яъни ота тарбиясидан бебаҳра эканлиги маълум бўлди.

Қишлоқ билан шаҳардаги жиноятга доир аҳволга қисқа бўлса-да, тўхталдик. Энди яна бир муҳим масалага жиноятлар содир этиладиган вақтга диққатингизни тортамиз. Бир неча туманларда фош этилган жиноятларнинг содир этилган куни ва вақти ўрганилганда қуйидаги манзарага гувоҳ бўлдик: Жиноятларнинг 1,1 фоизи эрталабки вақтга тўғри келади. (Агар жиноятни ўғирлик, деб белгиласак, энг кам ўғирлик эрталаб бўлган.) Кундузга 19,2, кечки пайтга 56, тунги пайтга 23,7 фоиз жиноят тўғри келяпти. Бу рақамлардан қизиқ ҳолат аниқланяпти. Биз «ота-она кундузи ишда банд бўлгани сабабли болалар жиноят кўчасига кириб кетяптилар», деб ташвишланамиз. Рақамлар эса бошқача сўзлашяпти. Жиноятнинг асосий қисми ота-она уйда эканида содир этиляпти. Бу қанақаси? Биз адашяпмизми ёки рақамлар алдаяптими? Шу мулоҳазада орадан бир йил ўтиб бошқа шаҳардаги вазиятни ўрганганимизда ҳам шунга яқин натижага гувоҳ бўлдик. Демак, «боланинг жиноят кўчасига кириб кетишига асосан ота-она айбдор», деган даъвоимиз асослироқ бўлиб чиқяпти. Кечқурун ёки тундаги жинояти учун қўлга олинган ўсмирларнинг кўп қисми ота-онаси билан яшаган. Шундай экан, бу ота-она «кечқурун ёки тунда қайларда ва кимлар билан дайдиб юрибсан?»- деб тергамайдими? Аввалги боблардан бирида кўчада давра қуриб ўтирувчи, «столба қоровуллари», деб ном олган, кўринишидан беозор болалар ҳақида гапирган эдик. «Кўринишидан беозор» дейишимизнинг боиси шуки, улар бир сониянинг ўзида аёвсиз тўдага айланиб қолишлари ҳеч гап эмас. Айтайлик, шом қоронғусида кўчадан бир йигитча билан қиз ўтиб боряпти. Эҳтимол улар севишганлардир, балки ака-сингилдир, бунинг фарқи йўқ. «Столба қоровуллари»дан бири беозор равишда қизга гап отади. Унинг кўнглида шумлик бўлмайди. (ёки аксинча, жанжал чиқариш мақсадида қитмирлик қилиши ҳам мумкин.) Йигитчага бу қилиқ ёқмайди, жавоб қайтаради. Сўз жангги қўл жанггига айланади. Олти ўсмирдан учтаси «қўйларинг», деб жанжални олдини олишга уринса-да, қолган учтаси қилғилиқни қилиб қўяди. Кўрибсиз-ки, бу ёғи қамоқ, тергов... Ота-она эса «ўғлим кўчада ўртоқлари билан гаплашиб ўтирибди», деб ўйлаб телевизорини ҳотиржам тамоша қилаверади.

Ўрганилган давр натижаларига кўра ўсмирлар иштирокидаги жиноятнинг 72 - 95,6 фоизи оддий иш кунларида, 28 - 4,4 фоизи байрам кунлари содир этиларкан. Эҳтимол бунга ҳуқуқ идоралари томонидан байрамларда назоратнинг кучайиши сабаб бўлар? Агар шундай бўлса, назоратни сусайтирмаганимиз маъқулдир?

Жиноят содир этилган жойларга эътибор қилсак, биринчи ўринда дўконлар ва муассасаларни кўрамиз. Кейинги поғонада кўп қаватли уйларнинг ҳовлиларида содир этилган жиноятлар туради. Кейин кўчадаги, сўнг уйларнинг ичидаги, боғдаги, поезд вагонларидаги ва бозордаги жиноятлар олдинма-кейин ўрин оладилар.

Эътиборингизга ҳавола этилган рақамлар вақт ўтгани сайин бир оз ўзгарса-да, моҳияти ўзгаришсиз қолаверади. Кўп йиллик кузатишлар бизни шу хулосага олиб келди.

Жарроҳнинг тиғи

  • Тўғрилик учун жазо.

  • Туҳмат илдизи.

  • Терговчи - тарбиячи?

  • Феминизатсия...

Ким милитсия нозири бўла олади? Бизда бу касбга тайёрлайдиган махсус ўқув даргоҳи йўқ. Баъзан олий ўқув юртини битириб, милитсияда ишлашга хоҳиш билдирганларни шу хизматга қўядилар. Бу хизматдаги одам, айтайлик, олий маълумотли педагогдир. Болалар руҳияти бўйича маълум билимга эгадир. Лекин бу ўринда махсус билим талаб қилинади. Милитсиянинг болалар билан ишлаш бўлимига бошқа бўлимларда ишни қойил қилолмаган ёки бир айб билан назардан қолганлар ҳам ўтказилади. Айтмоқчимизки, болалар билан ишлаш бўлими милитсияда энг мартабаси паст бўлим ҳисобланади. Жиноятчиликка қарши курашда яхши натижага эришилсин, десак, милитсиядаги бу муносабатни ўзгартириш керак.

Синфдаги бир ўғирлик туфайли милитсиянинг назорат рўйхатига тушган боланинг бошида бало булути чақин чақиб туради. Шу маҳаллада ёки ён-атрофда бирон уйни ўғри урса, жиноятга доир қидирув бўлими нозири болалар билан ишлаш бўйича ҳамкасбига мурожаат қилади ва ишни шу рўйхатда туруви болани исканжага олишдан бошлайди. Унинг учун энг муҳими - бола ўғрилиги учун рўйхатда туради. «Бола болалик қилиб, шўхлик ёки тушунмовчилик важҳидан ўртоғининг нарсасини ўғирлабди. Ўғирлик кўчасига бутунлай кириш хаёлида йўқдир», деб мулоҳаза қилмайди. Аввало ўша болани яхшилик билан сўроқ қилади. «Агар ўзинг бўйнингга олсанг, ёки шерикларингни айтиб берсанг қўйиб юбораман»,- дейди. Кейин исканжага олади. Ана энди туҳматга учраган ўсмирнинг руҳий ҳолатини тасаввур этинг-да, рисоламизнинг аввалида баён қилганимиз туҳмат юкига чидолмай ўғирликни касб эган одамни эсланг.

Фарғонанинг қишлоқларидан биридаги биродаримизни йўқлаб бордик. Ниятимиз дарров қайтиш бўлгани учун автомашина ойнакларини очиқ қолдирдик. Тахминан ярим соатлардан кейин чиқиб қарасак, буюмларимиз йўқ. Мезбон ҳижолат бўлиб, милитсияга қўнғироқ қилди. Дам ўтмай кўчада онанинг фиғони эшитилди: «Менинг болам ўғри эмас, нега уни қийнайсизлар. Унинг жигари касал...» Ташқарига чиққан эдик, она бизни айблади. Билсак, милитсия ўғирлик ҳақида хабар топиши билан шу кўчада истиқомат қилувчи, назоратдаги ўсмирни ушлаб олиб кетибди. Улар гумон уйғонмасдан олдин сўраб-суриштиришмаган, ҳатто ўйлаб ҳам кўришмаган. Онанинг «болам уйда, ёнимдан жилгани йўқ»,- деган ноласига ҳам эътибор беришмаган. Тўғри, ота ёки она боласининг айбини яшириш учун ҳам кўп ҳолларда ёлғон гувоҳлик берадилар. Шунинг учунми, милитсия уларга эътибор бермай қўйган. Лекин гумондаги ўсмирни дарров тергов қамоқхонасига киритиб қўйилишини маъқуллашимиз қийин. Биз «ўғирлик масаласида даъвоимиз йўқ, буюм топилди», деб тилхат берганимиздан сўнг ўсмирни озод қилишди. Кейинроқ ўғрининг бошқа одам экани маълум бўлди. Агар даъводан воз кечилмаганида ким билади, бу бегуноҳ ўсмирни нималар кутарди.

Яна бир воқеанинг баёнига ўтишдан олдин изоҳ беришни лозим топамиз. Рисоламиздан ўрин оладиган жиноятга доир воқеалар айрим маъмурларнинг ғашига тегмасин, исбот даъво этмасинлар, деган ниятда бу воқеаларнинг бошқа мамлакатларда рўй берганини айтиб, бизларда ҳам учраши мумкинлигини таъкидлаб ўтмоқчимиз. Мақсадимиз кимнидир айблаш эмас, балки шу воқеаларни таҳлил қилиб, фикрлашдир.

Энди гап бегуноҳ равишда икки ой қамоқда ўтирган ўн олти ёшли йигитчанинг тақдири ҳақида боради. Мактабдан чиқиб келаётган Э.нинг қимматбаҳо кийимини кимдир йўлда ечиб олади. Бу ҳақда Э.нинг онаси милитсияга арз қилади. Арзида Т.дан гумони борлигини айтади. Маълум бўлишича, шу мактабда ўқийдиган Т. унинг ўғлини бир-икки урган экан. Болалар бир-бирлари билан арзимаган нарса учун ҳам тез-тез муштлашадилар. Кўп ўтмай яна қадрдонлашиб кетадилару бу ҳаракатларининг вақти келса айб сифатида тақалишини ўйлаб ҳам кўрмайдилар. Э. манманлиги, бойлигига керилиб, бошқаларни ҳақорат қилгани учун Т. унинг эсини жойига келтириб қўйиш учун урган, кийимини ечиб олиш хаёлига ҳам келмаган эди.

Т.нинг онаси М.га синф раҳбари қўнғироқ қилиб, мактабга тез етиб келиши шартлигини билдиради. «Милитсия ходимлари ўғлингиз билан гаплашишмоқчи, Т. бир-икки масалада гувоҳлик бериши керак»,- дейди. Ўша куни Т.нинг иситмаси баланд, уйда ётган эди. Онасининг бу важи қабул этилмай, иш шошқич экани таъкидланди. М. ўғли билан мактабга келди-ю, милитсия вакилининг биринчи сўзлариданоқ гап гувоҳлик ҳақида эмаслигини англади.
-Ўғирликни бўйнингга олсанг, ўзингга осон бўлади, ҳозироқ қўйиб юбораман. Агар тонсанг, жабрланувчи билан юзма-юз қиламан, у сени албатта танийди. Шеригинг ҳам сени кўрсатади.

Т.нинг тан олмаслиги милитсия учун ҳақиқатни англатмас эди. У қоидага мувофиқ, жабрланувчи билан юзма-юз қилинди. Бир неча болалар орасидаги Т.ни «Мана шу», деб кўрсатди. Кўча болалари орасида эътибори бўлган «Бўри» лақабли ўсмир ўғирликни бўйнига олиб, шериги сифатида Т.ни кўрсатди. «Бўри»нинг ўғирлагани рост, аммо шериги Т. эмас, балки 19 ёшли бошқа йигит эди. Агар бу исботини топса, аввал ҳам судланган бу йигит қаттиқ жазо олмоғи мумкин бўларди. «Бўри» уни ҳимоя қилиш мақсадида Т.ни кўрсатди. Э.ни эса «Т.дан даъво қилмасанг - ўласан», деган маънода қўрқитди. Албатта, буни милитсия ходими билмас эди ва Т.нинг ўжарлиги уни ғазабга соларди. У М.га ҳам бир неча марта «Ўғлингизга айтинг, қайсарлик қилса ўзига қийин, бўйнига олсин», деб мурожаат қилди. «Мен ўғлимнинг ўғри эмаслигига ишонаман. Ишона туриб унга қандай қилиб «ўғрилигингни тан ол», дейман?»- деган жавоб милитсия ходимини қаноатлантирмади. «Ўғлингиз ўша куни қаерда эди, нима билан шуғулланган?»- деган саволга муштипар она ўша пайтда аниқ жавоб қайтара олмади. Чунки ўғирлик салкам бир ой олдин содир бўлган, Т.нинг қаерда бўлганини эслаш қийин эди. М. милитсиядан қайтиб, ўғлининг нарсаларини йиғиштираётганида чўнтакдаги чақирув қоғозини кўрди-ю, кўнгли ёришди. Эслади: ўша куни ўғлига ҳарбийдан чақирув қоғози келганди. М. ҳамкасби билан уйга қайтган, ўғли бу чақирувдан қувониб уларни кутиб олган, қоғозни кўрсатган эди. Ҳарбийга чақирув Т.нинг назарида балоғатга ёшига етганлиги, катталар сафига қўшилганини исбот этувчи гувоҳномадай туюлганди. М. бу суюнчлик хабар билан яна милитсияга келди. Дугонаси гувоҳлик берди. Бироқ, бу гувоҳликлар инобатга ўтмади. Чунки Т.нинг ўша куни уйда бўлгани кеч эсланди, М.нинг дугонаси ёлғон гувоҳлик бериши ҳам мумкин. Тарозининг айблаш палласида эса ёлғонлиги номаълум муҳимроқ далиллар турибди.

М. шундан сўнг ҳақиқат ва адолат истаб кўп идораларга мурожаат қилди. Уни яхши кутиб олишарди, даъвосини диққат билан эшитишарди, лекин сўзларида ҳақиқат борлигига гумон қилиб, милитсиядаги ёлғон далилларга ишонишарди. Бу ҳолатдан ажабланмаса ҳам бўлади. Ҳаётнинг беаёвлиги ҳам шунда: ҳақиқатга ишониш қийин, ёлғонга эса дарров ишона қоламиз.

Оналарга хос метин иродага тан бермоқ керак. М. изига чекинмади. Ўғлининг айбсизлигини исботлаш учун мустақил равишда ўзига хос тергов бошлади. Ўғлининг мактабдаги дўстлари билан суҳбатлашди. Тез орада маълум бўлди-ки, «Бўри» қилган ишидан мағрурланиб, ўғирликнинг эртасигаёқ айрим болаларга мақтанган экан. «Пахан» оёғидан ушлаб турди, мен ечинтирдим»,- деган гапи ҳақиқат йўлини ёритувчи нур эди гўё. Аммо болалар, айниқса уларнинг ота-оналари гувоҳлик беришдан бош тортардилар. Чунки гувоҳлик натижасида «Пахан» ва унинг атрофидагилардан жазо олмоқликлари хавфи бор эди. М. «Пахан» ҳақидаги маълумотни милитсияга етказганида улар текшириш ўрнига «ўғлингизни чиқариб олиб, бошқа бегуноҳни ўтқизмоқчимисиз?» деган таънани эшитди. Ажабланарлиси шундаки, «Пахан» - милитсиянинг доимий назоратидаги йигит. У ҳақдаги ҳар бир маълумот инобатга олиниши шарт. Лекин М. бу сафар ҳам умидсиз қайтди. Унга милитсия ходимининг гапи оғир ботди: унинг ўзи ҳам бир айбсизни чиқариб иккинчи бир айбсизни ўтқазишдан ҳавотирда эди. Ўша кунлари М.нинг ишини Худо ўнглади. Мактабдаги уч бола гувоҳлик беришга кўнди. Раҳбариятга қилган мурожаати инобатсиз қолмай, жиноий иш бошқа ходимга олиб берилди ва янги терговчи барча даъволарни синчиклаб ўрганиб чиқди. «Бўри» ҳам, Э. ҳам ёлғон гувоҳлик берганларини тан олдилар. Маълумки, ёлғон гувоҳлик бериш ҳам жиноят, аммо бу ҳолат ўсмир ёшидагиларга нисбатан қўлланилмайди. Шунга кўра, «Бўри» шартли равишда жазоланди. Айбни дарров бўйнига олгани учун у суддан олдин эҳтиёт чораси сифатида қамоқда ушлаб турилмади. «Пахан» эса талончилик қилмагани, фақат жабрланувчининг қўлидан ушлаб тургани учун енгил жазо билан қутулди. Жабрни адолат истаган йигитча тортди. У оилада яхши тарбия кўргани, иродаси мустаҳкамлиги учун, адолатга ишончи бор бўлгани учун енгиб чиқа олди. Ёмон ном олиб қамоқдан чиқиб кетгунча, азобланса ҳам номини пок сақлаб қолиш унинг учун муҳим бўлди.

Сиз бу воқеани руҳий томондан қандай шарҳлайсиз? Барча ўсмирлар ҳам бу қадар иродага эга эмаслар, деган фикрга қўшиласизми? Энди тасаввур қилайлик-чи, Т. қамоқ азобига чидолмай ўғирликни бўйнига олди. Шартли равишда жазоланди. Энди ундан нима кутиш мумкин? Адолат борлигига умуман ишончи йўқолган ўсмирнинг ҳаёти энди қандай бўлади? Эртага «Пахан»га қўшилиб, ўша Э.ни ёки бошқа бир болани тунамайди, деб ким кафолат беради?

Энди воқеага ҳуқуқшунос кўзи билан қараб таҳлил қилайлик:

Бу ўринда омматан милитсияни, хоссатан ишни юритган терговчини умумий ҳолда айблашимиз ва «ҳамиша шундай бўлади, туҳмат билан қамаб юбориш одатий ҳол», деб хулоса чиқармоғимиз ноўриндир. Мазкур воқеада қасддан, атайлаб адолатсизлик қилинмаяпти. Бунда терговчининг ва нозирнинг энг катта камчилиги - ўсмирлар руҳиятини, жиноятчи ўсмир билан ишлашда зарур ўзига хосликни билмасликдадир. Терговчилар катта ёшдаги жиноятчини, гумондаги шахсни ёки гувоҳни сўроқ қилишганда ҳам, ўсмирлардан бирон гапми маълумотми олиш истагида бўлишганда ҳам бир ҳил услубни қўллайдилар. Уларнинг ишидаги хато айнан шундан бошланади. Тергов чоғида алдаш, гуноҳни бошқага ағдаришга уриниш катталар орасида бошқача, ўсмирлар орасида ўзгачароқ кечади. Биринчи марта жиноятга қўл урган катта ёшдаги одам билан ўсмирнинг руҳий оламида ҳам жиддий фарқлар мавжуд. Айтайлик, биринчи марта одам ўлдирган катта ёшдаги киши яширинишга ҳаракат қилса, ўсмирни жиноят содир бўлган жой ўзига тортаверади. Катта ёшдаги қотилга нисбатан ўсмирда қўрқув кучлироқ бўлади. Катта ёшдаги фақат бўлажак жазодан қўрқса, ўсмирни марҳум таъқиб этгандай бўлаверади. Ўсмирлар худди мана шу кечинмалари туфайли тезроқ қўлга олинадилар.

Ўсмирлар орасида туҳмат, яъни айбни бегуноҳ одамга тўнкаш, ёки бошқа бир одамни ҳимоя қилишга уриниш кўп учрайди. Ўсмир қилғилиқни қилиб қўяди-ю, аммо ҳибсга олиниш, қамоқ, тергов каби ҳолатларга руҳан тайёр бўлмайди. Айрим ўсмирлар нима деб бўлса ҳам милитсия қўлидан тезроқ қутилиб кетишни ўйлашади. Баъзи терговчилар «ўртоғингни ҳимоя қилиб овора бўлма, у айбини тан олди, энди алдаб бизларни лақиллатма, ўзингни ҳам ўртоғингни ҳам қийнама», деган мазмунда гапириб, уни ёлғон ҳақиқатга ишонтирадилар. Ўсмир «бу ерда барибир адолат йўқ», деган ишончда терговчи чизиб берган чизиқдан юра бошлайди. Зикр этилмиш воқеадаги Т. кабилар эса кам учрайди. Мазкур воқеада ашёвий далил, гуноҳкорни таниш маросими терговчи учун асосий қурол вазифасини ўтаган. Бунақа пайтда жабрланувчига терговчи томонидан йўл-йўриқ ҳам кўрсатилиб турилиш ҳолати ҳам кам бўлса-да, учраб туради. «Сен унинг кўринишини яхши эслаб қолмагандирсан. Ўнгдан иккинчи болага яхшилаб қара, биз уни яхши биламиз. У айбини бўйнига ҳам олган. Биз сени деб югур-югур қилиб юрибмизми, энди сен ҳам бизларга ёрдамлашиб юбор», дейилса жабрланувчи нима қиларди. Гумондаги шахс шу йўл билан жиноятчи сифатида танилгач, у нима қила оларди?

Иккинчи терговчи салафидан фарқли ўлароқ, биринчи галдаги вазифа сифатида жиноятчини аниқлашни эмас, адолат қилиш зарурлигини белгилади. У икки ойдан зиёд вақт мобайнида ўсмирнинг «синмай» туришини бефарқ қолдирмади. Бунинг шунчалик ўжарлик эмаслигини, бу қайсарлик заминида ҳақиқат борлигини сеза олди.

Тергов қилинаётган ўсмирга кўпинча ёшига қараб баҳо берилади. Бу хато услубдир. Чунки 16-17 ёшдаги айрим ўсмирларнинг дунёқараши, атроф-муҳитни англаш миқёси, ўз қилмишига баҳо бера олиши 14-15 ёшли боланики каби ҳам бўлиши мумкин. Ақл-заковат, қобилият даражаси бир ҳил бўлмагани сабабли боладаги онгнинг ривожланиши бир ҳилда кечмайди. Ўсмирнинг сўроқ чоғи ўзини тутишида бу ҳам муҳим аҳамият касб этади-ки, терговчи мазкур ҳолни эътиборга олмоғи зарурдир. Ҳарбийлар орасидаги жиноятчини ҳарбий терговчи сўроқ қилгани каби ўсмирлар ишини ҳам алоҳида тажрибага эга терговчилар юритгани дуруст, деб ўйлаймиз. Яъни жиноятга доир қидирув ва тергов бўлимларида, суд ва прокуратура идораларида фақат ўсмирлар билан шуғулланувчи мутахассисларнинг мавжудлиги мақсадга мувофиқдир. Тиббиётда болаларнинг ва катталарнинг шифокорлари алоҳида бўлгани каби бу соҳада ҳам бошқа-бошқа бўлгани яхши натижа беради, деган фикрдамиз.

Тўғри, жиноятга доир қидирув бўлими нозири ёки терговчи тарбия ишлари билан шуғулланмайди. Аммо унда тарбиячига хос хислатлар бўлмоқлиги мақсадга мувофиқдир. Чунки сўроқ жараёнида у ўсмирларга хос бир қанча руҳий жиҳатларни ҳисобга олмоқлиги жоиздир. Айтайлик, бир ўсмир қизиққонроқ, жиззакироқ, бошқаси эса аксинча, ғоят босиқ, камгап, яна бири мижғовроқ. Терговчи барчасига бир ҳилда муомала қилса ижобий натижага эриша олмаслиги мумкин. Демоқчимизки, ўсмирларнинг феъл-атворларига қараб тергов услуби танланиши лозим. Масалан, қатъийлик, талабчанлик, жиддийлик услубини лоқайд, беғам, совуққон ёки питрак, серҳаракат ўсмирга нисбатан қўллаш мумкин. Дилгир, ғамгинликка мойил, маъюс ўсмирга эса бу услуб салбий таъсир кўрсатади.

Айтмоқчи бўлган гапини ҳам унутади, ёки қайсарлик тўнига ўралиб олиб «нима қилсанг қилавер», деган маънода жавоб бермай қўйиши ҳам мумкин.

Ўсмирларнинг ҳар бир авлодида ўзига хос ўзгариш кузатилади. Ўтган асрнинг олтмишинчи йилларидаги ўсмир билан янги асрнинг ўсмирлари орасида катта фарқ мавжудлигини ҳеч ким инкор этмайди. Аммо кейинги ўн йил орасида ўсмирлик оламига кириб келаётганларнинг руҳий оламида, феъл-атворида фарқ мавжудлигини барча ҳам сезавермайди. Мутахассисларнинг кузатишича, ўғил болаларнинг ҳис-туйғуларида, феъл-атворларида (характерларида) илмий тилда «феминизатсия» деган холат кузатиляпти. Лотинча «фемина» - «аёл» маъносини билдиради. Мазкур илмий атама ўғил болаларда қатъиятсизлик ошиб бораётганини англатади. Кенгроқ маънода шарҳласак, ўғил болалар жиддий бир қарорга келишда сустлик қиладилар, уларда масъулиятга нисбатан қўрқув мавжуд, бошқаришдан бўйин товламоқлик, мустақил қарорга келишдан қочишга уриниш, иродасизлик ва ўта таъсирчанлик сезиляпти. Булар эркакларга хос бўлмаган холатлар эканини таъкидламасак ҳам бўлар. Бунинг асосий сабаби қилиб олимлар мактаб ўқитувчиларининг асосан аёллардан иборат эканини кўрсатишади. Мактаб ўқитувчиларининг 80-90 фоизи аёл экани ва бунинг муҳим ижтимоий муаммо экани дунёдаги кўп мамлакатларга хосдир. Қизиқда, ўғил болани уйда онаси, мактабда яна аёл муаллима тарбияласа, улардаги айрим одатлар ўтмайдими? Оиладаги 4-5 қиз орасида улғайган ўғил боланинг феъл-атворини кузатинг. Арзимаган гапдан ҳам таъсирланиб йиғлаб юбориши фикримизга далил эмасми? Тарбиячилар орасида эркакларнинг кўпроқ бўлиши масаласига биз тўхталиб ўтирмаймиз. Биз ўғил болалар феъл-атворидаги мазкур жиҳатларга терговчи ва нозирларнинг эътиборларини тортмоқчимиз халос.

Ўсмирни милитсия назоратига олиш масаласига икки ҳил муносабат мавжуд. Бир тоифа одамлар буни хонадонлари учун фожиа сифатида кўрадилар ва буни қамоққа олиб борувчи дарвозанинг очилишидай қабул қиладилар. Иккинчи тоифа одамлар назоратга олинмиш боланинг қисматида қамоқ борлигига тўла ишонадилар. Болани назоратга олиш ниҳоятда нозик масала. Тўғри назорат қилиш яхши натижа бериши шубҳасиз, нотўғри назорат эса салбий оқибат билан якунланади. Ўғирлик билан қамалганларнинг 30-35 фоизи аввал милитсия назоратида турганлари фикримизни исбот этади.

Яна демоқчимизки, гумондаги ёки гувоҳ ўсмирни сўроқ қилиш шунчаки одатий иш эмас, балки илмий таҳлилга асосланган жараён бўлмоғи зарурдир. Агар болалар жарроҳи амалиёт чоғида эҳтиётсизлик қилиб битта томирчани узиб юборса бола жисман нобуд бўлади ва баъзан биз у жарроҳни жиноий жавобгарликка тортишга уринамиз. Агар терговчи ўсмирнинг руҳий оламини топтаб қўйса, жамият руҳи соғлом бир одамни йўқотган ҳисобланади. Жисман нобуд бўлган бола туфайли бир оила азият чекади, вақт ўтгач, ғам-алам аста унутилади. Руҳан нобуд қилинган ўсмирдан эса жамият азият чекади ва бунинг ғам-аламлари дарров унутилмайди. Терговчининг тиғи - ақл ва тил, тиғ уриладиган жой эса ўсмирнинг қалби ва онгидир. Буни унутмаслик шарт.

Демак, терговчи қаршисида ўсмир ўтирибди. Терговчига ҳам осон тутиб бўлмайди. Сиз билан биз ўн беш йиллар атрофида ўзимиз тарбия этган фарзандимизни қачон тўғри, қачон ёлғон гапираётганини баъзан фарқлай олмаймиз. Терговчидан эса бир неча сўроқ мобайнида ўсмирнинг хулқини, одатини аниқлаб, бунга эришиши талаб этилади. Гумондаги ўсмир: а) тўғри ва ишончли маълумот бериши мумкин, б) ёлғон гапларни тўқийди, в) адашганлиги туфайли нотўғри маълумотни айтади. Буларни фарқлаб олиши учун терговчидан юксак маҳорат талаб қилинади. Биринчи ҳолатда тўғри ва ишончли маълумот гумонни тасдиқлаши ёки аксинча, гумонни инкор этиб ўсмирни оқлаши мумкин. Иккинчи ва учинчи ҳолатда ҳамма нарса чалкашиб кетади, то ҳақиқатга етиб борилгунига қадар иш чўзилади.

П.исмли ўсмир ўртоқлари билан тоғ сайрига боришига рухсат беришмагани учун ота-онасидан аразлаб, уйдан чиқиб кетади. Икки ойга яқин дайдиб юради. Сўнг ўғирлик қилаётганида қўлга олинади. Бундай ҳолатда тергов иши қийин кечмайди. Аввало бола жиноят устида ушланди. Гувоҳлар бор. Бундан ташқари бола баҳоналарни қалаштирмай айбига иқрор бўлди. Шу билан бирга бунга қадар яна ўн етти марта босқинчилик қилгани, «Азроил» ва «Иблис» лақабли ашаддий ўғриларга қўшилиб даҳшатли жиноятларга шерик бўлганини ҳам тан олди. Унинг маълумотлари текшириб кўрилганида барчаси ёлғон экани маълум бўлди. Хўш, ёлғон тўқишдан боланинг муддаоси нима эди? Терговчини чалғитиш ёки лақиллатишми? Йўқ, у буни хаёлига ҳам келтирмаган. Тергов жараёнларидан мутлақо бехабар бўлгани сабабли «гапимга ишонишади-ю, қамаб юборишади», деб ўйлаган. Айтган жиноятларининг ҳар бири қаерда содир бўлса, ўша ерга бориб, кўрсатиб, исбот қилиб бериши лозимлигини билмаган. Биринчи ва иккинчи маълумоти исботини топмаганидан кейиноқ ёлғонига иқрор бўлган. «Нима учун бундай қилдинг?» деган саволга жавоб бермади. Бера олмасди ҳам. Ўсмирлар руҳиятини яхши билган терговчи унинг ўзи айтмаса ҳам, мақсадини англаб, оғир жазо бермади. Уйдан кетишни ўзича қаҳрамонликка йўйган ўсмир кичик бир ўғирлик билан қамалиб кетишни ўзига иснод деб билиб, «обрўйи»ни оширмоқчи бўлган. Қамоқда ҳам, озодликка чиққанидан кейин ҳам майда эмас, эътиборли ўғри мартабасида юрмоқликни орзу қилган.

Катта ёшдагиларни тергов қилиш жараёнларида ҳам ёлғон, иқрор бўлмаслик, туҳмат каби ҳолатлар учраб туради. Катталар айтадиган ёлғонларини аввал пухта ўйлаб, маълум одамлар билан келишиб олиб сўнг ишонтиришга ҳаракат қилишади. Ёлғон гувоҳлар ҳам топишади. Ўсмирларда мана шу пухталик етишмайди. Видеокассеталарни ўғирлашда айбланаётган Ч. «ёлғиз ўзим эдим», деб терговчини ишонтирмоқчи бўлган. Терговчи ўғирланган 170 видеокассетани қопга жойлаб, кўтар, дейди. Шубҳасизки, у кўтаролмайди ва оқибатда шериги борлигини айтишга мажбур бўлади. Аввалги ҳолатдаги билан бунисидаги ёлғонни солиштирилса ўзга-ўзга манзара юз очади. Яна бир тергов баёнини лозим кўрдик-ки, унда бутунлай ўзга ҳолат кўзга ташланади. Дискотекада бошланган жанжал қотиллик билан тугайди. Тўрт ўсмир ўзларига ёққан қизга ўралашгани учун З. исмли йигитчани аёвсиз калтаклаб ўлдирадилар. Тўртовлон ўша тундаёқ қўлга олинади. Тўртталаса З.ни урганини тан олади аммо ўлимга сабаб бўлувчи зарбани ким берганини аниқлашга келганда ҳар бири ўзини оқлашга тушади.

Экспертиза хулосасига кўра З. темир таёқ билан урилгани туфайли жон берган. Темир таёқда бармоқ излари йўқ - қотил артиб ташлашга улгурган. Айбдорлардан иккитаси «темир таёқ Ў.нинг қўлида эди», деб кўрсатма бердилар. Ў. эса буни рад этиб, «М. урган», деб қаттиқ туриб олади. Шунда мана бу савол-жавоб бўлиб ўтади:

Терговчи - З. калтакланаётганда сиз қаерда эдингиз, кўчадами?

Айбланувчи - Йўқ, мен ичкарида, дискотекада қолувдим.

Терговчи - Атрофингизда кимлар бор эди?

Айбланувчи - Эсимда йўқ.

Терговчи - З.ни темир таёқ билан М. урди, деб сизга ким айтди?

Айбланувчи - Ўзим кўрдим.

Терговчи - Қандай кўрасиз, ахир сиз ичкарида, дискотекада эдингиз-ку?

Албатта бу мантиқ олдида айбланувчи дарровгина бош эга қолмайди. Янги-янги ёлғонлар тўқишга уринади.

Мутахассислар ёрдамида 250 тергов ишлари ўрганилганда мана бу ҳолат аниқланди: ўсмирларнинг 158 таси (63,2%) тўғрисини айтиб, айбига иқрор бўлган. 73 таси (29,2%) ёлғон тўқиган. 19 таси (7,6%) адашганлари туфайли ишончсиз маълумотларни берганлар. Ёлғон тўқиган 73 бола билан суҳбатлашилганда маълум бўлдики, уларнинг ярмидан кўпроғи шу йўл билан жазодан қутилиб қолиш чорасини излаган. 16,4 фоизи шерикларини яшириш мақсадида, 11,1 фоизи эса шерикларидан ўч олиш учун ёлғон тўқиган. 8,5 фоизи дўстликка садоқат тушунчасини нотўғри англагани туфайли, 9,6 фоизи қариндошларини ҳимоялаш умидида, 3,7 фоизи эса ўзининг мардлигини исботлаш ниятида ёлғон гапирганлар.

Бу рақамлар нимани кўрсатяпти? Тўғрисини айтиб, айбига иқрор бўлганлар, пушаймон еганлар озодликка чиққанларидан кейин жиноят оламини бутунлай тарк этадилар, дейишимизга асос бор. Тўғрисини айтиш - нотўғри йўлга кирганлигини англаб етишининг далолатими? Ёлғон гапирганлар жиноят оламида бир умрга қолиб кетадилар, деб хулоса чиқаришга шошилмайлик. Уларнинг бу зулмат оламига қайтиш ёки қайтмаслиги бизнинг муносабатимизга боғлиқ-ки, бу ҳақда кейинроқ алоҳида фикр юритамиз.

Тўғрисини айтиш - жиноятга иқрор бўлди, деган гап эмас. Тўғрисини айтиб, айбловни инкор қилиш ҳам мумкин. Шу ўринда терговчига яна қийинчилик туғилади, яъни буни «ўзини оқлаш учун тўқилаётган ёлғон» сифатида қабул қилади. Оқибатда терговчи хаёлидаги гумонни ҳақиқат ўрнида кўриб, ўсмирнинг шу ёлғонни тан олмоғини истайди. Ч.нинг ўлими хусусидаги жиноий ишни ўрганиш жараёнида шундай воқеа юз берди. Ч.исмли бола Қ. исмли дўсти билан муштлашган. Бу муштлашишни кўрган гувоҳлар бор. Буни Қ.нинг ўзи ҳам инкор қилмайди. Жағидан мушт еган Ч. йиқилиб тушади. Эртасига биқини оғриётганидан шикоят қилади. Уни касалхонага олиб борадилар. Оғриқ тўхтамайди. Икки кундан сўнг амалиёт (оператсия) қиладилар. Ч. жигари шикастлангани оқибатида вафот этади. Ота-онаси унинг ўлимида Қ.ни айблашади. Амалиёт қилган жарроҳ жигар қаттиқ зарба туфайли эзилган, деб хулоса чиқаради. Жигар нима сабабдан эзилиши мумкин? Тепки орқали. Терговчининг хулосаси шу эди. Қ. эса урганига иқрор бўлгани ҳолда, «тепмадим», деб туриб олди. Терговчи буни ўжарлик, ёлғон воситасини ўзини ҳимоя қилиш, деб қабул қилди. Муштлашувни кўрган болаларнинг биронтаси ҳам Қ.нинг тепганини тасдиқлашмади. Шунга қарамай, терговчи «Иш»ни якунлаб судга оширди. Суд эса тергов натижаларидан қониқмай уни қайтарди. Қайта тергов билан шуғулланган ходим шошилмади. Муштлашувга гувоҳ бўлган болалардан одатдагидек «Қ.тепдими?»-деб эмас, «Ч. калтак егандан кейин йиқилдими?»- деб сўради. Болаларнинг барчаси «йиқилмади,жағини ушлаб қочди», - деб жавоб қайтаришди. Шунда терговчи Ч.нинг қайси томонга қочгани билан қизиқди. Болаларнинг бу саволга жавоблари ҳам бир ҳил бўлди. Терговчи Қ.нинг орқадан қувмаганини ҳам аниқлади. Демак, агар Ч. йиқилмаган бўлса, Қ. қандай қилиб унинг жигарига қаттиқ зарба бериши мумкин? Агар Ч. жағига тушган мушт зарбасидан йиқилса-ю, бирон тош устигами ё тўнкагами ўнг томони билан тушса жигари эзилиши мумкин. Қ. спорт, хусусан жанг усуллари билан шуғулланмаган. Жисмоний жиҳатдан ҳам бошқалардан ажралиб турмайди. Мактабдагилар уни урушқоқ бола сифатида таърифлашмаган. Терговчида унинг кучли зарба бера олишига шубҳа уйғонди. Хўш, унда нима бўлган? Терговчи Ч.нинг муштлашув куни эмас эртасига оғриқдан нолиганига эътибор берди. Шунинг баробаринда врачларнинг ҳатти-ҳаракатлари билан қизиқди. Амалиёт нима учун бемор шикоят қилган куни эмас, икки кундан кейин қилинди, деган саволга жавоб излади. Касалхона жарроҳларининг хулосаси билан кифояланмай эксгуматсия (мурдани қабрдан олиб қайта текшириш) қилдирди. Шулардан маълум бўлди-ки, врачлар вақтни ўтказиб сўнг муолажага киришганлар. Вақтида амалиёт қилинса, боланинг ҳаётини сақлаб қолиш мумкин экан.

Терговчи «Иш»даги энг муҳим нарсани ҳам аниқлади: Ч. эртасига велосипедда кетатуриб йиқилиб, йўл четидаги тошга биқини билан тушган экан. Биқинини ушлаб «вой«войлаб» ўтирганини кўрган болаларни ҳам, Ч.га ачиниб, биқинини силаб қўйган аёлни ҳам топди. Шунинг билан «еҳтиётсизлик оқибатидаги қотиллик» деган айблов чиппакка чиқди.

Каминага бу воқеани ИИВ Академиясининг тингловчиси айтиб берган эди. У бошига тушган бу савдолардан сўнг терговчи бўлишга аҳд қилган экан. «Ҳаётимни сақлаб қолган терговчига бўлган ҳурматим ҳаққи, унинг касбини эгаллашга, ҳамиша адолат йўлидан юришга аҳд қилганман»,- деди. Кейин афсус билан: «ўртоғимнинг ўлимига мен сабабчи бўлмасам ҳам уни урганимдан ҳозиргача пушаймонман. Бу пушаймонлик то умримнинг охиригача ҳам мени тарк этмаса керак.»- деди.

З. исмли йигитчанинг тақдири эса ўзгачароқ бўлди. У мактабда урушқоқлиги билан ном чиқарган эди. Спорт тўгарагидан айнан шу безорилиги учун ҳайдалганди. Милитсия рўйхатига тушиб қолишига ҳам шу иллати сабаб эди. Лекин уни муштумзўрлиги учун эмас, номусга теккани учун қамашди. Жиноятчини таниш маросимида қиз терговчининг маслаҳатига амал қилиб, З.ни кўрсатди. Кейин эса кўрсатмасидан қайтди. Бироқ, терговчи «айтилган сўз - отилган ўқ», шиорига амал қилиб, қизнинг кейинги гапларини инобатга олмади, «Иш»ни чалкаштиришни истамади. Қиз қурилиши битмаган иморат ичида зўрланган эди. З. эса шу иморатга яқин дўкончада амакиси билан бирга ишларди. Уни айблаш учун шунинг ўзи кифоя қилди. Қиз битмаган иморат ичига ўз оёғи билан кириб борган, биров уни мажбурлаб судрамаган. Унинг кийим-бошлари бутун.

Танасида ҳам шилинган, кўкарган жой йўқ, хуллас куч билан зўрлаш аломатлари йўқ. Шундай экан, уни зўрланган жабрланувчи дейиш ўринлими? У кўрсатмасида «уч йигит иморат ичига алдаб олиб киришди»,-деб ёзган. Битмаган иморат ичига нима деб алдаб олиб кириш мумкин? Уйга бирон нарса кўрсатиш баҳонасида алдаб олиб кириш мумкиндир. Мантиқ шуки, қиз нима учун бораётганини билган. Аниқроқ айтилса, ўзида истак бўлган. Агар уч йигит орасида З. бўлган тақдирда ҳам унга қўйилаётган айбни ўйлаб кўришга тўғри келарди. Ундан ташқари қизнинг кўрсатмасида йигитларнинг учта эканлиги аниқ айтилган. Дастлабки терговларда З.га «шерикларингни айтасан!» - деб зуғум қилган бўлишди. Кейинроқ эса бу далил ҳам эътибордан кўтарилиб, З.нинг ўзи якка айбдор сифатида ҳукм қилинади. Шубҳасизки, З.нинг ота-онаси бу ҳукмга рози бўлишмайди. Қайта бўлиб ўтган суд уни айбсиз, деб топади. Энди прокуратура бу ҳукмга рози бўлмайди. Учинчи марта бўлиб ўтган суд З.ни яна қамоқ жазосига ҳукм қилади. Ота-она энди республика прокуратурасига арз қиладилар. «Иш» прокуратура терговчиси томонидан қайта кўриб чиқилиб, З. озод этилади. Адолатнинг тантана қилгани яхши. Аммо бу шодлик юзага чиққунига қадар З. бир йил қамоқда ўтирди. «Ҳаёт - шафқатсиз, адолат эса умуман йўқ»,- деган фикрни ҳақиқат ўрнида онгига сингдирди. Озодликка хурсандчилик билан чиқмади, юрагида қасос ўти билан чиқди. «Номусга тегиш, зўрлаш қанақалигини сенларга кўрсатаман», деган аҳдини амалга оширди. У то қўлга олингунга қадар бир неча қизни шармсор қилишга улгурди. Биз баъзан «айрим жиноятлар очилмай қоляпти», деб нолиймиз. Баъзан «мана бундай очиладиган бўлса очилмай қолгани ҳам яхшироқ эди», дегинг келади. Битта хато бир неча жиноятларни туғдирди.

Бу мисолларни эътиборингизга ҳавола этмоқликдан мақсад - ишда учрагувчи камчиликларни бўрттириб кўрсатиш эмас. (Хато-камчилик ҳамма соҳада ҳам бор. Фақат «хато қилмоқлик бордир, тузатмаслик оқибати - ҳордир», деган ҳикматга амал қилинса янада яхши.) Мақсад - ўсмирлар билан ишловчи терговчи зиммасидаги масъулиятни бўрттириб кўрсатиш. Биз ўсмирлар тақдирини ҳал этувчи «Иш»ларни бу соҳани яхши биладиган, ўсмирлар руҳий оламидан хабардор мутахассисларга ишониш керак, деган фикрдамиз. Ҳар қандай бастакор болалар ёки ёшлар учун қўшиқ яратавермайди. Жарроҳ ҳар қанча моҳир бўлмасин, болаларга тиғ уришга журъат этавермайди. Кўп соҳалар «катталар» ва «болалар» деган бўлимларга ажратилгани каби милитсия ва прокуратура тергов бўлимларининг, судларнинг ҳам махсуслашувига вақт етмадимикин? Болалар аҳлоқ тузатиш меҳнат колонияси катталарникидан алоҳида бўлгани каби бу ерга етиб келгунгача ўтадиган жараёнлар ҳам ажратилгани дуруст эди. Қонунга кўра, судгача бўлган жараёнда болалар ва ўсмирлар катталардан алоҳида қамоқда ушланишлари шарт. Бунга шароит барча ерда мавжуд бўлмаганиданми ёки эътиборсиз қаралганиданми, ҳамиша ҳам риоя қилинавермайди. Ўсмирлар баъзан ашаддий жиноятчилар ўтирган хонага қўйиладики, бунинг натижасини гапирмасак ҳам тушунарлидир.

Ўсмир ҳар қанча оғир жиноят қилмасин, уни яхшилар рўйхатидан батамом ўчириб, ёмонлар сафига умрбодга тиркаб қўймай, унга «адашган» сифатида муносабатда бўлсак айни муддаодир. Адашган ўсмирни ашаддий жиноятчига айланиб кетмаслигининг чораларидан бири эса - ҳуқуққа доир идоралар вакилларининг жазоловчи куч эмас, шафқатли ва адолатли дўст сифатида иш юритишларидир.

Милитсия ишларида «маҳфийлик» деган тушунча бор. Маҳфийликни инкор этиш мумкин эмас. Ҳамма ишни очиқ-ойдин олиб бориш имкони ҳам йўқ. Кўп жиноятлар маҳфий равишда амалга оширилади, излар беркитилади. Уни фош этишда ҳам ҳудди шу йўлдан борилади. Лекин болалар ва ўсмирларга доир ишларда маҳфийлик чегарасини озгина очиш керакмикин? Масалан, ахлоқ тузатиш колониясидагиларнинг нечтаси қайси вилоят, қайси тумандан экани, жиноят турлари, тарбияланувчиларнинг ўзларини тутишлари каби маълумотлар жамоатчиликка маълум қилиб турилса, ўсмирлар орасида олиб борилаётган ишларда нафи тегармиди,деб ўйлаймиз.

Нақадар шафқатсизсан, эй ёруғ дунё!

  • «Ўзингдан кўр...»

  • Ёзувчининг кўз ёшлари

  • Қамаш шартми?

  • Бургага аччиқ қилиб

Сарлавҳада ўқиганингиз бу нидо хаёлимиз маҳсули эмас. Юракдан вулқон каби отилиб чиққан бу аламли хитобни биз озодликдан маҳрум этилган йигитчанинг кундалик дафтарида ўқидик. Жиноятчи ўсмирлар сақланадиган ерни «колония» деб аталишини айтдик. Энди унинг мазмунига келсак, «колония» - лотин тилида ўзга юртдан келиб жойлашишни англатади. Шунга кўра, жиноят оламидан юлиб олиниб мажбуран жойлаштирилганлар, деган мазмунда қабул қилсак ҳам бўлар. Бу ерга ҳукм қилинганларни катталар каби «маҳкум», деб аташмайди. Бундагиларнинг номи - «тарбияланувчи»дир. Милитсия ходимлари эса «тарбиячи зобитлар» деб юритилади. Бу ер нима деб аталишидан қатъи назар қамоқхона бўлса-да, катталарники каби қуролли соқчилар билан қўриқланмайди. Бунда дарс ўтилувчи синфхоналар, ҳунар ўргатувчи устахоналар мавжуд. Хуллас, жиноятчини эмас, адашган боланинг кўзини очиб, тўғри ҳаёт йўлига йўлловчи барча зарур масалалар инобатга олинган.

Менинг тоғам, атоқли ёзувчи Мирзакалон Исмоилий Сталин замонида «халқ душмани» деган туҳмат билан қамалиб, Қарағанда кўмир конларида умрларининг тўрт йилини ўтказган эдилар. Гап келганда айтиб ўтсам, «Фарғона тонг отгунча» романининг биринчи китоби шу қамоқхонада ёзилган эди. Тоғам қамоқдаликларида суюкли фарзандларидан бири Ойзуҳра опам ўн уч ёшларида вафот этганлар. Тоғам оқланиб, озодликка чиққанларидан сўнг қизларининг хотирасига атаб, ўсмирлар ҳаётидан ҳикоя қилувчи «Бизнинг роман» қиссасини ёзган эдилар. Орадан йиллар ўтиб, қарилик ёшига етганларида шу қиссанинг давомини ёзиш истаги туғилди. «Асар қаҳрамони Тўлавой шўхликдан шумликка ўта бошлаган эди. Шумликнинг оқибати нима бўлади, шуни ёзмоқчиман», дедилар. Асар давомини мўл қўйган ҳам эдилар.

Режа бўйича, ёзувчининг уйига оқшом чоғи нотаниш бир киши кириб келади. Маълум бўлишича, у адибнинг китобдаги қаҳрамони - Тўлавой экан. «Сиз мени ёзишга ёзиб қўйиб, кейин унутдингиз. Сиз ёзган воқеалардан сўнг мен ёмон йўлга кириб кетдим. Қамалдим. Шундан кейингина кўзим очилди. Энди бошимга тушган савдоларни ёзинг, токи бошқаларга ўрнак бўлсин»,- дейди у. Тоғам режаларини гапира туриб, «кимнинг бошига нима ташвиш тушса ўзгадан эмас, ўзидан кўрсин. Янги асарнинг номи шунинг учун «Ўзингдан кўр», деб аталади»,- дедилар. Ўша пайтда камина Ёзувчилар уюшмасида жамоатчилик асосида бошқарадиган «фантастика ва детектив адабиёти кенгаши» болалар ахлоқ тузатиш меҳнат колонияларини оталиққа олган эди. Биз ҳар якшанбада турли адабий учрашувлар ташкил қилар эдик. Тоғамнинг ниятларини эшитгач, «болалар колониясига бориб келасизми?»-деб сўрадим. Очиғи, «қамоқхона нималигини яхши биламан, боришим шарт эмас», деган жавоб кутган эдим. Лекин хасталикларига қарамасдан маҳбус - тарбияланувчилар билан учрашиш истагини билдирдилар. Колониядан қайтиб келганларидан сўнг «учрашдингизми, таассуротларингиз қандай?»- деб сўрадим. Шунда ёзувчи кўзларида ёш пайдо бўлди. Лаблари титраб, дарров гапира олмадилар. Бир оздан сўнг йиғламсираб: «Шу болалар қамоқда ўтирадиган болаларми, а? Ўқиш ўрнига, ота-онаси бағрида ўйнаб-кулиш ўрнига нима учун қамоқда ўтиришибди?»-дедилар. Тўрт йил уруш фожиаларини кўрган, Сталинграддан Берлингача борган, сўнг эса туҳмат билан қамоқ жафоларини кўрган одамнинг дийдаси қаттиқ бўлиши керак эди. Лекин ёзувчининг қалби тош эмас эди. У болаларнинг озодликдан маҳрум эканликларига чидай олмади. Ўша учрашув хаста юракка илҳом ва далда бериб ахлоқий асарни ёздилар. Бу асар ёзувчининг васияти ўрнида қолди.

Ёзувчилар ҳиссиётли бўлишади, дерсиз? Ҳа, тўғри. Лекин ҳиссиётсиз одам ҳам бу ердаги болаларнинг мунгли нигоҳларини кўрса эзилиб кетиши аниқ. Тарбияланувчилар сиртдан қаралганда мўъмин қобил кўринсалар-да, уларнинг бу ерга келгунларича қилган қилиқлари, айримларининг бу ерда кўрсатаётган хунарлари билан танишсангиз, эҳтимол ачиниш ҳиссидан ҳоли бўларсиз. Мирзакалон Исмоилий каби ҳамма ҳам ҳиссиётга берилиб, кўзига ёш олавермайди. Ўша йиллари яна бир ёзувчини колониядаги учрашувга таклиф қилганимизда у қатъий рад этиб: «Бу тадбирларнинг сира фойдаси йўқ, у ерга тушганларнинг биронтаси ҳам одам бўлиб чиқмайди»,- деди.

Унинг гапи бизга малол келди. Агар ўша ерда унинг фарзандими ё набирасими ёки жияними бўлганида бундай шафқатсиз тарзда гапирмас эди. Барчамиз учун афсусли ери шундаки, ўша ёзувчимизга ўхшаб фикрлайдиганлар орамизда озми-кўпми учрайди. «Болалар колониялари янада пишиб етилган, уддабурро жиноятчилар етиштириб берувчи мактабдир», дегувчиларни ҳам учратганмиз. Расули муҳтарам саллоллоҳу алайҳи васаллам жаноби Ҳақдан ривоят қилган сўзда Оллоҳ Таоло шундай буюради: «Эй бандаларим! Мен бандамнинг гумонидаман. Мен сен билан биргаман. Агар мендан яхшиликни гумон қилсанг, яхшилик бўлади. Ёмонликни гумон қилсанг, ёмонлик бўлади.» Шунга кўра, биз қамоқдаги ўсмирларга нафрат кўзи билан қарасак, улардан ҳам нафрат назарини оламиз, уларнинг тўғри йўлни топа олишларига ишонмасак, зулмни касб қилиб олган ашаддий жиноятчига эртами кечми ўзимиз рўпара келамиз, чўкаётганга ёрдам қўлини чўзмасак, бу гуноҳимиз учун қачондир ё фарзандимиз ё яқин қариндошимиз тақдири билан жавоб берамиз. Шуларни унутмасак бас.

Мазкур рисолани ёзишга тайёрланаётган пайтимизда жиноятга доир қидирув нозирлари, терговчилар, суд ҳакамлари ва шу соҳага яқин кишилар билан суҳбатимиз чоғида «ўсмирларни қамаш шартми, уларни тарбиялашнинг ўзга чораси йўқми?» деган савол билан мурожаат этдик. Уларнинг 93 фоизи «қамаш шарт, қамоқда қанчалик узоқ ўтирса жамиятнинг ташвиши шунчалик камаяди», деган фикрни билдирдилар. «Жамиятнинг ташвиши», деганда улар энг аввало ўзларининг тинчини ўйлаганлари биз учун сир эмасди. Бизни ажаблантирган нарса бошқа эди: суҳбатдан маълум бўлишича, болаларни узоқроқ қамаш тарафдорларининг биронтаси колонияга бормаган, ундаги шарт-шароитлар, тарбия усуллари билан таниш эмас экан.

«Болаларни жинояти учун қамаш шартми?» деган муаммо бутун дунёдаги шу соҳа мутахассисларини ўйлатиб келади ва ҳар бир мамлакатда ўзига ҳос равишда ечимни топишга уринишади. Масалан, Чехияда жиноят билан ушланган болаларнинг 20-26 фоизигина қамоқ жазосига тортиларкан. Бу кўрсатгич Германияда 10-20, Полшада 4-6 фоизни ташкил этаркан. Бу уч мамлакат бир-бирига қўшни эканини эътиборга олсак, масалага ёндашиш бўйича ҳам яқинлик мавжуд эканини кўрамиз.

Шу томонлардаги мутахассисларнинг фикрича, болаларни кўпи билан олти ҳафта қамоқда ушлаб туриш кифоя қилади. Бола қамоқда кўп ўтиргани сайин ундаги ижобий хислатлар камайиб, салбий иллатлар кўпайиб бориши мумкин экан. Полшага хос бу далил у ердаги бир тадбирни ёдимга туширди. Мамлакатда «болалар ва ёшлар орасидаги гиёҳвандликка қарши барчамиз биргаликда курашамиз!» деган шиор кун тартибига қўйилиб, одамлар белгиланган кун ва соатда кўчага чиқиб, бир-бирларининг қўлларидан маҳкам ушлаб, жонли занжир ҳосил қилганлар. Бу манзара жамиятнинг ўз фарзандлари тақдирига бефарқ эмаслигига ишора эмасми?

Кейинги йилларда бизнинг юртимизда ҳам бу масаланинг ижобий ҳал этилишига эътибор қаратиляпти. Айрим ҳолларда болалар қамалмай, жамоатчилик тарбиясига топшириляпти. Баъзи болаларни маҳаллалар ҳимояларига олишяпти. Маълум жиноят учун белгиланган жазо муддати ҳам қисқартириляпти. Авфи умумийда ҳам биринчи галда болаларга имтиёз бериляпти. Бу тадбирлар келгусида яхши натижалар беришига умидимиз бор. Аммо жазо белгилашдаги либераллашув жараёнида жазо муддатини камайтириш билангина кифояланмай, қадим донишманд Афлотун айтганидай, масаланинг маънавий томонини ҳам ечишга уриниш керак. Бу нима дегани? Дейлик, бир одамнинг жинояти учун етти йилдан ўн йилгача қамоқ жазоси берилиши керак. Ўша одам ўзининг жиноятини шу даражада ҳис қилсинки, «етти йилми, ўн йилми - ўзинг танла», дейилса маънавий юксаклик ила: «менинг жазоим ўн йилга лойиқ», десин, ҳакам эса унинг айбини тушуниб етганини инобатга олиб, энг кам жазони белгиласин. Шунга кўра, боланинг қамоқда узоқ ўтириши муҳим эмас. Муҳими - у қандай айб иш қилиб қўйганини тушуниб етсин ва бу йўлдан қайтсин.

Қамалган болаларнинг тақдирини кўп йиллардан бери кузатаётган киши сифатидаги бизнинг хулосамиз шуки, бургага аччиқ қилиб кўрпа куйдирмаслик керак. Тўғри, бадбин одамлар ўйлаганидек, тузалиши амри маҳол бўлган йигитчалар ҳам бор. Аммо ундагиларнинг кўпи бу ердан қутилиб чиққач, ҳалоллик йўлида юрмоқликни орзу қилади. Озодликка чиққунча эса...

Озодликдан маҳрум этилишнинг ўсмир руҳиятига қанчалар таъсир этишини баён этишга қалам ожиз. Кечагина ҳамма айбни ўз бўйнига олиб мардлик қилаётган йигитча бу остонадан ҳатлагач, бошқача одамга айланади. Озодликдаги, ҳатто тергов давридаги эркаликларини, инжиқликларини бу олам кўтармайди. Бола фақат иссиқ уйидангина, яхшими-ёмонми дўстлари бағридангина эмас, кўника бошлаётгани жиноят оламидан ҳам юлиб олиниб бу ерга ташланади. Энди у меҳнат қилишга мажбур, аммо меҳнат турини ўз истагига кўра танлай олмайди. Бунда ўзига ўхшаганлар бор, бироқ, истагани билан сўзлашиб, истамаганидан нари юриш ҳуқуқидан маҳрум. Бўш вақти кўп, лекин хоҳлаган мусиқани эшитолмайди, истаган пайтда ётиб хордиқ чиқаролмайди Ҳатто таомланиш борасида ҳам қатъий чегаралар орасида яшай бошлайди. Унинг тўғри гапига ҳам ишонқирашмайди, ҳатта-ҳаракатини гумон билан кузатишади. Уйидагилар киритган нарсаларни титиб текширишади. Бундай чеклаш, чегаралаш, таъқибларни бола колония тартиби сифатида эмас, балки ўзи учун хорлик ва хўрлик деб қабул қилади.

Боласи колонияга тушган оила янада оғирроқ маънавий азобга дуч келади. (Нобоп оилалар бундан мустасно. Улар учун фарзанд ўз бағридами ё қамоқдами - барибир.) Демак, симтиконли баланд деворнинг ҳар икки томонида алам ва қайғу ўзининг темир тирноқлари билан тирик жонларни азобга солаверади.

Билмайин босдим тиконни - тортадирман жабрини,

Билсам эрдим, босмас эрдим, тортмас эдим жабрини...

Бу - қалб ноласи, кечикиб очилган онгнинг қайғули фарёди. Энди бунинг қанчалар фойдаси бор, Худо билади.

Бундаги тарбиячилар турли усуллар ва услублар билан болаларни тўғри йўлга йўллашга уринадилар. Биз уларнинг ишларини таҳлил этиб, танқид қилиш фикридан узоқмиз. Аммо ҳақиқат шуки, бундаги қайта тарбиянинг оқибати жамият кутган даражада бўлмаяпти.

Ровийлар дерларким: «Бир йигитча ўғрилик ҳунарини эгалламоқчи бўлибди. Унга: «Энг зўр ва маҳоратли ўғри Бағдодда яшайди, бориб, ўшанга шогирд туш», деб маслаҳат берибдилар. Йигитча маслаҳатга амал қилиб, Бағдод шаҳрига борибди, машҳур ўғрини топиб, муддаосини айтибди. Ўғри мамнуният билан уни кутиб олиб, меҳмон қилмоқчи бўлибди. Йигитча таомга ўнг қўлини узатиши билан, билагига уриб: «Овқатни чап қўлинг билан ейсан!»- деб буюрибди. Йигитча буйруққа итоат этмоқчи бўлибди-ю, аммо чап қўлда таом емоқликнинг иложини қилолмабди. Охири: «Устоз, мен узоқ йўл юриб келдим, толиқдим, очман. Чап қўлда егин, деб мени қийнаманг»,- деб ёлборибди. Шунда устоз бўлмиш ўғри дебди-ки: «Таомни фақат ва фақат чап қўлда ейсан. Ўғри бўлмоқликнинг биринчи шарти - шудир. Сабабки, ўғирлик қилиб юриб, қачондир тузоққа тушишинг тайин. Ана шунда сенинг ўнг қўлингни кесадилар. Ўнг қўлдан ажралганингда чап қўлда овқат ейишга қийналмайсан.» Бу гапни эшитган йигитчанинг кўз олдига кесилган қўли келиб, ўғрилик ҳунарини олмоқлик орзусидан воз кечган экан.» Мазкур ривоят ҳар қанча ибратли бўлмасин, қамоқдаги болага етарли таъсир эта олади, дея олмаймиз. Бағдодлик устоз бир-икки ҳунарни ўргатиб, бир-икки ўғирликка олиб боргандан кейин чап қўлда таом емоқлик шартини айтганида ўша йигитча ҳам орзусидан қайтмаган бўларди.

Колонияда белгиланган тартиб-қоида ҳар қанча назорат қилинмасин, унга бўйсунмайдиганлар, ёки тартиб бузувчилар учраб туради. Бу ерга кирганимизда бошлиқ бир йигитчани чақиртирди. Тарбияланувчининг эгнида эскироқ пахталик калтатўн диққатимизни тортди.
-Кеча янги пахталик олувдинг, қаёққа гум қилдинг?-деб сўради бошлиқ.

Йигитча дарров жавоб бермай, бошини хам қилиб тураверди. Савол яна такрорлангач, «йўқотиб қўйдим», деди. Бошлиқ бизнинг олдимизда ҳақиқатни ошкор қилишни истамай, уни чиқариб юборди-да: «Алдаяпти,-деди,- бир қути сигаретга алмащтириб юборибди.» Йигитча алмаштирмаса-да, кечаси алмаштириб қўйишлари ёки очиқчасига зўрлик билан тортиб олишлари ҳам мумкин эди. Ҳудди кўчадаги каби бу ерда ҳам «зўр»лар мавжуд ва улар болаларга сезиларли салбий таъсирларини ўтказа оладилар. Айрим болалар колония маъмуриятидан эмас, кўпроқ ўша «зўр»лардан қўрқадилар. Мутахассисларнинг кузатишларича, колониядагиларнинг чорак қисми бошқаларни тартибни бузиб туришга ундар экан. Бешдан бир қисми эса маъмуриятга бўйсунмаслиги, қочишга уриниши билан ажралиб турар экан. 10-13 фоизи эса тартибни бузишга бошқаларни ҳам жисмонан, ҳам маънан мажбурлар экан. Мана шундай ташқи таъсир натижасида бу ердаги адашганлар «маънавий бойлик», «жамият манфаати» деган тушунчалардан узоқлашаверадилар. Ҳатто вақт ўтгани сайин улар учун инсон ҳаётининг сариқ чақачалик қадри қолмайди.

Озодликда уларнинг атрофида озми-кўпми соғлом муҳит бўлади. Тутқунлар эса бундан маҳрумлар. Улар озодликдаги тенгдошларидан ҳар томонлама ортда қоладилар.

Колонияга тушганига ҳали бир йил бўлмаган болалардан «Куч ишлатмасдан бирон нимага эришиш мумкинми?» деб сўраганимизда уларнинг 48 фоизи «Мумкин», деб жавоб беришди. Бу ерда икки ярим-уч йилдан бери ўтирганлардан сўралганда эса бу рақам 13 фоизни ташкил этди. Бир йил ўтирганларнинг 14 фоизи шафқат ва меҳрибонликни ожизлар иши, деб баҳолаган бўлсалар, икки ярим-уч йил ўтирганларнинг 33 фоизи шундай фикрни билдирдилар. Демак, бола қамоқда қанча кўп ўтирса, шунча кўп шафқатсизроқ бўлиб бораркан.

Баланд девор билан ўралган колониянинг ёзилмаган, аммо бажарилиши мажбур ўзига хос қонун-қоидалари бор. Бу ўринда маъмурият таъсис этган қоидалар назарда тутилмаяпти. Худди катталар қамоқхонасида бўлганидек, бу ерда ҳам норасмий хўжайинлар - «зўр»лар мавжудлигини айтдик. «Тарбияланувчи»лар орасидаги муносабат кўп ҳолларда уларнинг истаги асосида юритилади. «Хўжайинлар» - ёши катта, қайта-қайта қамалганлардан иборат бўлади. «Тарбиячи-зобит»ларни қийновчи аосий масалалардан бири ҳам шу «хўжайин»лардир. Болаларни қўрқитиб, зўрлаб, ҳатто қийнаб ўз оламларига тобе қилувчилар ҳам айнан шулардир.

Остона ҳатлаб кирган жиноятчи ўсмирни кутиб олувчилар унга жиноятига қараб муомала қиладилар. Қотилга бир муносабат, ўғрига бошқачароқ, номусга тегувчига эса бутунлай ўзгача. Номдорроқ жиноий гуруҳ қаторида қамалганларнинг мартабаси баландроқ, адашиб пушаймон еяётганларники қуйироқ, эҳтиётсизлиги оқибатида жиноятга тасодифан аралашиб қолганларники янада бошқачароқ. «Тарбияланувчи»лар орасидаги зулм, зўрлик, адолатсизлик оқибатида турли кўнгилсиз ҳолатлар учраб туради-ки, бу ҳақда сиз билан бизга маълум қилинмайди. Биз мазкур бобда буларни тадқиқ қилишни муддао қилиб қўймаганмиз. Бизнинг мақсадимиз озодликдан маҳрум боланинг руҳиятидаги ўзгаришларни ўрганиш.

Бир масала бўйича озод йигитча билан тутқун ўсмирнинг фикри айри-айри бўлиши табиийдир. Ҳаётга қараш, уни тушуниш, хулоса қилиш ҳам турличадир. Сиз билан биз диққат қиладиган нуқта ҳам айнан шу ерда: ўсмир озодликка ҳаёт ҳақидаги ўзгача фикр билан чиқади. Ундаги ўзгача фикр фақат ўз ақлининг маҳсули, дея олмаймиз. Бола ҳар қанча ақлли бўлмасин, унинг дунёқарашига атрофидагиларнинг таъсири сезиларли бўлади.

«Агар сизга пул зарур бўлиб қолса қаердан топасиз?» деган саволга озодликдаги ўсмирлар бундай жавоб қайтардилар: сўралганларнинг 37 фоизи ота-онаси ёки қариндошларидан илтимос қилишини айтди. 33 фоизи ўртоқларидан қарз олишга умидвор. 24 фоизи бирон ерда ишлаб топишига ишонади. 6 фоизи бирон буюмини сотиши мумкин экан. Тутқундаги ўсмирларнинг жавоблари эса булардан анчагина фарқ қилади. Уларнинг кўпчилиги «ҳар қандай йўл билан ҳам топиш» тарафдори. «Ҳар қандай йўл», дейилганда ўғирлик ёки талончилик назарда тутилгани аниқ. Лекин болалар бу йўлга «тиланчилик қилиш ҳам айб эмас», деб қўшимча қилдилар. Лекин бу қўшимчага унча ишонмадик, бу ердан чиққанлар тиланчилик қилишмаса керак, деб ўйладик. Тутқунликдагилардан сўралганларнинг яна бир гуруҳи «мўмай пул топиш учун таваккал қилиш керак», деб айтишди. «Таваккал»нинг маъносини ҳам шарҳлаш шарт эмасдир. Ҳар ҳолда озодликдаги болалар пул учун таваккал қилмоқликни нодонликдан, деб ҳисобладилар. Қамоқдагилар эса «пул қандай топилиши муҳим эмас, муҳими пул топиш!» деган фикрда қатъий қолдилар.

Ўсмирлар дунёқарашини аниқлаш учун турли саволлар берилди. «Ўзингга истамаган нарсани бировга ҳам истама» - озодликдагиларнинг 67 фоизи, тутқунларнинг 31 фоизи шу ақида бўйича яшамоқ мумкин, деб ҳисоблайди. «Агар бировнинг манфаатига зид келмаса, ҳар бир одам ўз истаги билан яшаши керак» - озодликдагиларнинг 59 фоизи шундай фикрда. Тутқундагиларнинг кўпи саволни «ҳар бир одам ўз истагича яшаши керак», деб тузатишибди. «Қизлар эркакларнинг талабини қондириш учунгина мавжуд» - озодликдагиларнинг 29 фоизи,тутқунларнинг 82 фоизи шу фикрда. «Майхўрлик - дунё лаззатидир.» - озодликдагиларнинг 28 фоизи, тутқунларнинг 77 фоизи шу шиорни маъқул кўрди. Мазкур тадқиқот ўн олти ёшли ўсмирлар орасида ўтказилди. Қонун масаласидаги сўров ҳам турли натижа берди. Бизга бу борада тутқунларнинг фикри муҳим: 47 фоиз ўсмир қонун билан мутлақо қизиқмайдилар ва қизиқмасликлари сабабини тушунтириб бера олмайдилар. 17 фоизи қонунни ўрганиш истагида, уларнинг фикрича қонун инсон ҳуқуқларини ҳимоя қила олади. 36 фоиз бола эса бу фикрга қарши.

Болаларнинг кучга муносабатлари ҳам бир ҳил эмас. Айниқса қамоқдагиларнинг бу соҳадаги фикрлари бутунлай ўзгача. Улардан «Ўзаро келишмовчиликларни қандай ҳал қилган маъқул?»- деб сўраганимизда ярмидан кўпи куч ишлатишни маъқул кўрдилар. Ҳолбуки озодликдаги болаларнинг қарийб етмиш фоизи келишмовчиликни тинч йўл билан ҳал қилиш тарафдорлари эдилар. (Фарққа эътибор беринг!) Тутқундаги 21 фоиз бола тинч йўл тарафдори бўлди. 17 фоизи бошқа бирон йўл топиш керак, дейишди. Аммо қандай йўл эканини ўзлари ҳам аниқ билишмади.

«Бировнинг сўкишига қарши қандай жавоб қилиш керак?» деган саволга озодликдаги болаларнинг 33 фоизи «мушт билан», деб жавоб қилишди. (Айримлари «жавоб сўкишнинг турига боғлиқ. Агар онадан сўкилса муштдан бошқа чора йўқ», деб изоҳ беришди.) 55 фоизи «сўкишга сўкиш билан жавоб қилиб масалани ойдинлаштириш керак», деди. 12 фоизи «Биров сўкса, эшитса ҳам эшитмаганга олиб индамаслик керак», деган оғир вазифани зиммаларига олдилар.

Ўзаро келишмовчиликларни куч билан ҳал этиш тарафдорларининг қарийб тўқсон фоизи сўккан одамни албатта мушт билан «сийлаш» шарт деб ҳисобладилар. Ўн фоизи сўкишга сўкиш билан жавоб қайтариш билан кифояланар эканлар. Сўкишни эшитиб, эшитмаганга олиш бу тоифа учун уят экан. Ўзаро келишмовчиликларни тинч йўл билан ҳал қилса бўлади, деб ҳисобловчи болаларнинг 45 фоизи сўкишга сўкиш билан жавоб беришни тўғри, деб ҳисобладилар. Фақат 14 фоизи мушт ишлатишни сўнгги чора, деб билдилар.

Хўш, куч ишлатиш тарафдорлари кимлар? Сиз албатта «зўр»лар, дерсиз? Фикрингизни рад этмаймиз. Аммо фақат улар эмас, афсусли жойи шунда. Ҳаётда кўп калтакланган ёки ҳақоратланган ўсмирлар, бошқачароқ айтсак «аламзадалар» куч ишлатиш тарафдорларининг аксарини ташкил этадилар. Яна афсусли жиҳати шундаки, бу аламзадалар фикрларини амалга оширишга жуда яқин бўладилар.

Келишмовчиликларни фақат куч ишлатиш йўли билан ҳал этиш тарафдорларининг озодликдаги ҳаётлари билан қизиққанимизда мана бу манзара намоён бўлди: уларнинг 13 фоизи отаси томонидан доимий равишда калтакланган, 9 фоизини оналари ва акалари савалаган, 6 фоизи синфдошлари томонидан, қолган қисми кўчадаги таниш-нотаниш болалар томонидан калтакланиб турилган.

Ўсмир ёшидагиларнинг камдан кам қисми ёлғиз пайтида биров билан муштлашади. Тўда бўлиб олиб муштлашишларини аввал ҳам айтиб, бир-икки мисол ҳам баён қилиб эдик. Энди тутқунликдаги болаларнинг шу масалага доир қарашлари билан танишсак. Албатта, колонияда тўдаларга бўлиниб олиб, очиқчасига муштлаша олишмайди. Маъмурият бунга йўл қўймайди. Калтаклаш пинҳона тарзда амалга оширилади. Лекин бундагиларнинг ҳаммаси бўлмаса-да, маълум бир қисми маълум тўданинг аъзоси сифатида муштлашувларда иштирок этган. Баъзиларнинг бу иштироки жазосиз қолган бўлса, баъзилари айнан шу иштироки учун, ўзларининг тиллари билан айтилса: «арзимаган иш учун» қамалишган.

«Агар нотаниш ёки сизга рақиб бўлган тўда билан муштлашиш зарурияти туғилса, сиз нима қилар эдингиз?» -деган саволга сўралганларнинг 79 фоизи «шерикларимни қўллаш учун мен ҳам урушаман»,- деб жавоб қайтарди. 20 фоизи олишувни тўхтатишга ҳаракат қилишини айтди. Қолгани бунақа маш-машадан ўзини четга олмоғини билдирди. Маълумки, бунақа олишувда баъзан қурол ҳам ишлатишади. Шу масалага муносабатлари сўралганда дўстларни ҳимоя қилиш учун муштлашувчиларнинг 60 фоизи қуролланишга шай эканликларини билдирдилар. 13 фоизи эса қурол ишлатишни рад этди. Қолганлари аниқ фикрга келолмади. Қурол ишлатиш тарафдорларининг 28 фоизи қўлига пичоқ, кастет, занжир ёки шу каби совуқ қурол олиши мумкин экан. 23 фоизи ўзи ясаган махсус мосламадан фойдаланишни аъло кўрар экан. Мана шу нуқтага эътибор берайлик. Биринчи тоифа қўлига нима тушса шуни ишлатади. Иккинчи тоифа эса махсус мослама ясаб тайёрланяпти. Биринчи тоифа қуролдан фойдаланмаслиги ҳам мумкин. Иккинчиси албатта ишлатади. 10 фоиз бола газли баллончаларни, 6 фоизи тўппонча ёки қирқма милтиқни, 4 фоизи портловчи бирон моддани маъқул кўрди. Бу рақамлар бекорга келтирилмаяпти. Диққат қилинг: улар шунчаки муштлашувни назарда тутишмаяпти. Бу муштлашув болаларнинг безорилиги ҳам эмас. Бу рақамларнинг ортида зулм шарбатидан маст жиноятчилар турибди. Қамоқда ўтирган ерида қурол ишлатишни маъқул кўраётган ўсмир озодликка чиқиб, хаёлини амалга оширмайди, деб ким кафолат бера олади?

Жинояти учун жазога ҳукм қилинганларнинг барчаси аралаш тарзда битта колонияга юборилмайди. Майдароқ жиноятлар учун алоҳида, жиддийроқлари учун бошқа колония мавжуд. Лекин бу ҳам колониядаги табақаланишнинг олдини ололмайди. Ҳар икковида ҳам «зўр»ларнинг табақаси бошқаларга таъсир ўтказаверади. Тутқунликдаги болаларнинг ёшлари ҳам табақаланишга таъсирини ўтказади. Табиий-ки, 14-15 ёшдаги болалар «зўр»лик шоҳсупасига даъво қилолмайдилар. Аксинча, ёши кичик бўлгани сайин юқоридан тазйиқ кучайиб бораверади. Ҳуқуқ илмида қайта-қайта қамалувчиларни «ретсидивист» деб атайдилар. Сиз эҳтимол ретсидивистлик катталарга ҳос, дерсиз? Ҳа, бизга шундай туюлади. Аммо афсуслар бўлсинким, бу ҳол ўсмирлар орасида ҳам учраб туради. Колонияда ўтирган ретсидивистларнинг ярмидан кўпи биринчи марта 14-15 ёшида қамалган. 10-14 фоизи эса 16-17 ёшида қамалган. Ҳолбуки, 16-17 ёшлилар 14-15 ёшлилардан кўпроқ қамалишади.

Колонияда тарбиячи-зобитларга мушкуллик туғдирувчи яна бир нарса - бундагиларнинг ҳар бири ўзича бир олам. Руҳий ҳолати жиҳатидан бир-бирига яқинлашмайди. Озодликда бир синфда ўқийдиган болаларнинг дунёни англаш масаласида бир-бирига яқинлиги мавжуд бўлади. Чунки кўп йиллар давомида улар бир муҳитда тарбияланадилар. Тутқунликда эса ўзгача ҳолатни кузатамиз. Мисол учун қотилларни олиб кўрайлик: ҳуқуқ нуқтаи назаридан уларнинг номлари бир - қотил. Аммо қотиллик сабаблари ва бажариш усуллари ҳар ҳил бўлганидек, жазо пайтидаги уларнинг руҳий ҳолатлари, пушаймонлик даражалари ҳам турличадир. Аввалроқ ҳикоя қилганимиз, хориж киноларини кўп кўриш таъсирида онаси ва акаларини ўлдирган ўсмирни эслайлик. Энди унинг ёнидаги яна бир қотилни кўз олдимизга келтирайлик. Бу болани кўчанинг «зўр»ларидан иккитаси узоқ вақт қийнаган. Охири уни қувиб келиб уйига бостириб кирган. Шунда фарзандини ҳимоя қилмоқчи бўлган отани ҳам калтаклашган. Бу хўрликка чидай олмаган бола ошхонадан пичоқ кўтариб чиқиб «зўр»ларга ташланган. Уларнинг бири боланинг кўз олдида жон таслим қилган, иккинчиси касалхонда ўлган. Бола эҳтиёт чорасини меёрдан ошириб юборгани учун қамалган. Ана энди ҳар иккала қотилнинг кундалик турмушини ҳис қилишга уриниб кўринг. Иккаласи икки олам эмасми? Сиз айтишингиз мумкинки, биринчи бола тузалмайди, озодликка чиққанидан кейин ҳам қонсираб одам ўлдираверади. Бу гумонингизда эҳтимол жон бордир. Лекин бу ўринда ҳам умиддан чекланмаслик керак. Тўғри, дастлабки кунлари бола қандай мудҳиш жиноят қилиб қўйганини етарли идрок эта олмади. Лекин вақт ўтиб, ҳуши ўзига келиши мумкин-ку? Пушаймон оловида куйиши мумкин-ку? Иккинчи боланинг афсусли кунларини баён этмасак ҳам бўлар. Биз бошқа нарсадан ҳавотирдамиз: ўз сафларини ёшлар ҳисобига тўлатиб борувчи жиноят олами буларнинг қайси бирини ўз бағрига тортишга уринар экан?

Колонияда ўғирлик билан қамалганларни кўпроқ учратиш мумкин. Ретсидивистларнинг кўпроқ қисмини ҳам айнан ўғрилар ташкил этишади. Шу боис ўғри-ўсмирларга хос айрим жиҳатларга эътиборингизни тортамиз. Аввало таъкид жоизки, ўғриликнинг барчаси ҳам очилавермайди. Бунинг сабаби: ўғрилик ҳунари ибтидоий кўринишдан чиқиб, мукаммаллик даражасига кўтарилди. Ўғрилар милитсияни чалғитишнинг кўп усулларини эгаллаганлар. Иккинчи сабаби: милитсия ходимлари майда ўғирликларни очишга унчалик рағбат билдирмайдилар. Даъвоимизнинг исботи учун икки мисол келтирамиз: меҳмонлар билан музейга кириб кетдиг-у, буюмлар машинада қолаверди. Ҳайдовчи ҳам музейга қизиқиб кирибди-ю, эшикни очиқ қолдирибди. Оқибат маълум: кимнингдир сумкага кўзи тушган-у, эшикни очиб хотиржамлик билан олиб кетаверган. Гавжум кўча, биров кўрган, биров кўрмаган. Меҳмон ҳузурида ҳижолат бўлиб милитсия чақирилди. Милитсия биринчи навбатда ҳайдовчини буровга олди. Меҳмон кузатиб юборилгач, милитсия нозири «ўғрини топайликми?»- деб сўради. (Саволнинг ажабтовурлигини қаранг!) Даъвогар томон «Топа оласизми?» - деб сўраб, очиқчасига «йўқ»- деган жавоб олди-ю, уларни безовта қилгани учун узр сўраб даъвосидан воз кечувчи аризани ёзиб берди. Иккинчи ҳолатда машина юкхонаси очилиб, дипломат ўғирланган. Уни кўрганлар бор. Даъвогарнинг ўзи ўғриларнинг шеригини кўрсатиб берган. Унинг айтишича, машинани қўйиб қулфлаётган пайтда бир бола «зира олинг, амаки», деб келган. Шу баҳонада машинани кузатган. Ҳайдовчи шу болани назоратга олишни илтимос қилди. Аммо унинг гумонига эътибор берилмади. Орадан бир ой ўтгач, терговчидан мактуб олди. Унда айтилишича, авфи умумий хусусидаги қарорга биноан ўғирликка доир жиноий иш тўхтатилган экан. Ўсмирлар орасида ўғирликнинг камаймаётганига яна қандай сабаб излаш керак? Ўрни келганда айтиш жоизки, ўн йил аввал юртимизда машина ўғирлиги авж олган эди. Бу жиноят учун жазо кучайтирилгач ва милитсия ходимларининг ҳаракатлари сезиларли жонлангач, ижобий натижага эришилди. Бундай жиноятлар энг паст даражага тушди. Кейинги пайтда жазо юмшатилгач, жиноятнинг бу оламида яна жонланиш сезилди. Жазони либераллаштириш ҳақида гапирганимизда масаланинг бу томонини ҳам ўйлаб кўришимиз керакмикин?

Энди аввалги масаламизга қайтсак, тутқундаги ўғриларнинг биз ўрганган пайтдаги 39,6 фоизи биттагина ўғирлиги учун қамалган экан. Умумий ҳисобда олинганда эса ўсмирларнинг 60 фоизи тўда бўлиб иш кўрганлар. Бир неча ўғирликни бўйнига олганларнинг маълумотига кўра, уларнинг 7,5 фоизи ҳафтада икки-уч марта ўғирлик қилган. 17 фоизи ойда икки-тўрт марта, 20,7 фоизи эса уч ойда тўққиз-ўн марта «ов»га чиққан. Ўсмирларга хос ўғирликнинг катталарникидан фарқли томони шундаки, уларнинг ҳаракати махсуслашмаган бўлади. Бошқачароқ айтсак, тасодифлардан фойдаланишга ҳаракат қилишади. Масалан, қаернингдир эшиги очиқ қолган, кимдир пулини яширган жойини ошкор қилиб қўйган ёки автомашина қаровсиз қолган... Машина ичидаги қимматбаҳо буюмни кўрган бола тош билан ойнакни уриб синдиради-ю, олади, кетади. Жиддийроқ ўғирликка журъати ёки малакаси етишмайди. Бирон муассасага тушиш учун сигнализатсияни бартараф этиш зарур, йўл-йўриқни пухта ўрганиш керак. Ундан ташқари ўғирланган молни сотиш муаммоси ҳам бор. Ўғирланган велосипедми ё радиога доир асбоб ускунами, озиқ-овқатми, буларни сотиш қийин эмас. Ўсмирлар ўғирланган молни тезроқ сотишга уриниб уни жуда арзон-гаровга пуллайдилар. Тижорат аҳли ўсмирлардан мол сотиб олаётганда кимлар билан савдо қилаётганини билади. Аммо кўзини чирт юмиб, ҳудди ҳалол топилган молни олаётгандай бўлади. Милитсия изига тушса «ўламан, саттор, ўғирланганини билмас эдим», деб тонади. Гап савдога тақалганида бир масалани кўндаланг қўймасак бўлмас: «бола ва савдо», «савдонинг бола тарбиясига салбий таъсири», деган муаммони жамият ҳал қилиши керакми ё йўқми? Авваллари бу масалага жиддий қараларди. Ривожланган мамлакатларда ҳозир ҳам жиддий муносабатда бўлинади. Балоғатга етмаганлар савдо ишига қўйилмайди. Бизда эса бу тўғон бузилиб кетди. Болаларни ҳамма ерда, катта бозордами ё кичикроқ дўкончадами кўриш мумкин. Улар учун кундуз ва кечнинг ҳам фарқи йўқ. Ўн уч- ўн тўрт ёшли болаларни ароқ ёки сигарет сотаётганларини кўриб ажабланмаймиз-у, аммо «фалончининг ўн уч яшар ўғли қорадори сотаётганида қўлга тушибди», деган хабарни эшитсак лол қоламиз.

Қамоққа тушган ўсмирларнинг кўп қисми адашганини, жиноятига яраша жазо олаётганини англаб етади, бу ердан қутилиб кетиш кунини орзиқиб кутади. Маълум бир қисми эса бу ерга тушиб қолишга ўзини сабабчи қилмайди, ўғри тўдасининг бошлиғини ёки бошқа бир аъзосини қоралайди. Бу ердан қутилиб чиққач, ишни пишиқроқ қилиш, яъни дурустроқ тўдага қўшилишни режалаштиради. Баъзан шу ернинг ўзидаёқ ишончли «зўр»ни кўрса, унинг этагини тутади. Шу нуқтада «зўр»лар билан уларнинг манфаати бирлашади. Қўлга тушгунича катталарнинг тўдасида дастёрлик қилган, бу ерда эса «зўр»лардан бирига айланган йигит келажагини ўйлаб атрофига ишончли болаларни тўплашга интилади.

Бир ўсмир мастликда кетатуриб дўконча ойнагини синдиради-ю, қимматбаҳо молни олиб кетаётганида қўлга тушади. Янги ўғрибоши бунақаларга унча қизиқмайди. Бундайларни шу ернинг ўзида ишлатиши мумкин. Бир йигитча пули бўлмагани туфайли дўкондордан қарзга бир қути сигарет сўрайди. Илтимосига жавобан ҳақорат эшитгач, кечаси ўртоғи билан келиб дўконни талайди. Изни беркитиш мақсадида бир кечанинг ўзида яна икки дўкончани талайди. Бўлажак ўғрибоши «зўр»ларга мана шунақалари керак

Ҳозирги кунда барча соҳаларда ислоҳ кетаётганини назарда тутиб, бу йўналишда ҳам жиддий ислоҳотлар зарурлигини таъкид этмоқчимиз. Бу соҳа ҳамиша мутаҳассис олимлар назоратида бўлмоғи ва иш услублари замонга қараб ўзгариб бормоғи шарт. Ўн беш-йигирма йил аввалги ўсмир-ўғри билан бугунгисининг орасида осмон билан ерча фарқ бор. Бугун эҳтимол катта-катта колониялардан воз кечиш мақсадга мувофиқ бўлар. Бунинг ўрнига ҳар вилоятда, эҳтимол ҳар воҳада кичикроқларининг бўлгани дурустдир.

Ўсмирларнинг ота-оналари ва яқинлари билан кўришиб туриш имтиёзларини кенгайтириш балки яхши самара берар. Балки синфдошларининг келишини ташкил этишда маъно бордир? Руҳий томондан доимий равишда тажрибалар ўтказилиб турилиши, илмий-тадқиқот ишларини йўлга қўйилишидан бўладиган фойдани ҳеч ким инкор этмаса керак. Бизнингча, бу ерда шунчаки «тарбиячи-зобит»лар эмас, илмий тадқиқотга мойиллиги бор кишилар кўпроқ ишлагани маъқул. Чунки у колония остонасини ҳатлаб кириб келган ўсмирни назорат қилинувчи шахс деб эмас, тарбияга ва шафқатга муҳтож инсон, деб қабул қилиб олиши керак. Тарбиячи-зобитлар тарбияланувчи ўсмирни жиноий ишда баён этилган маълумотлар асосида биладилар. Биз уларнинг ишларида нафи тегар, деган умидда бир-икки таклифни айтмоқчимиз:

Ҳар бир тарбиячи-зобит тарбиясидаги ўсмир ҳақида мана бу маълумотларни сўраб, билиб, аниқлаб олса яхшироқ бўларди:

  • Колонияга тушгунига қадар қандай шароитда яшади ва тарбия кўрди? Ота-оналари борми, улар қандай юмушлар билан бандлар? Оилада яна бошқа фарзанд борми? Оилада судланиб, қамалганлар бўлганми? Руҳий хасталар ёки майхўрлар мавжудми?

  • Оиланинг моддий аҳволи қандай?

  • Ўсмирнинг қамалгунига қадар ўқишга ёки ишга бўлган муносабати.

  • Бундан аввал қамалганми, милитсия рўйхатида турганми, ахлоқи жамоатчиликда муҳокама қилинганми, майда жинояти учун жазо олганми, майхўрлиги туфайли хушёрхонага тушганми?

  • Уни тўғри йўлга солиш учун қандай чоралар қўлланилган, бу чоралар нима учун ижобий натижа бермаган?

  • Жиноят содир этишига қандай шароит туртки бўлди?

  • Жиноят кўчасига кириб қолгунича қилган айблари учун кўрилган чора нима учун унга таъсир қилмади?

  • У ҳаётдаги ўрнини тўғри кўра оладими, ўз кучига тўғри баҳо берадими, инсоннинг меҳнат қилиши лозимлигини тўғри англайдими?

  • У бирон ҳунарга қизиқадими, шу ҳунар туфайли тирикчилик қила олишига ишонадими?

  • Маданий ва маънавий савияни ошириш, деганда нимани тушунади. Ўзининг савиясини оширишга интилиши борми? Ўқишга қизиқиши-чи? Ўқиб, юқори мартабаларга эришмоғига ишонадими?

  • Иродаси қай даражада? Феъл-атвори бошқаларникидан қайси жиҳатлари билан фарқланади?

  • У нималарга кўпроқ қизиқади? Унинг қизиқиши жамият манфаатига зид эмасми?

  • Унда қандай қобилият мавжуд?

  • Дўстликни қандай тушунади? Ким билун ўртоғ-у, ким билан ёв?

  • Колонияга, ўзининг бўлинмасига муносабати қандай?

  • Атрофидагиларнинг муваффақиятидан қувонадими?

Тарбияланувчи ўсмирнинг бошқалар ҳақидаги фикрини билишда жуда ва жуда эҳтиётикор бўлиш талаб қилинади. Буни улар чақимчилик ўрнида қабул қилишлари ҳам мумкин. Тутқунликда эса чақимчиликнинг кечирилиши қийин.

Совет жамиятининг сўнгги ўн йиллигида болалар колонияси остонасини 1,2-1,5 миллион ўсмир босиб ўтган эди. Шу далилнинг ўзиёқ жамият яраларининг йиринглаб кетганини кўрсатиб турибди. Болаларни аёвсиз равишда қамашдан қайтмаган жамиятнинг аҳволи бу бўлди.

Колония жазо масканими ё тарбия ўчоғими, деган саволга дарров жавоб қайтаришга уринмайлик. Нима бўлганда ҳам у ерда ғоят зийраклик зарур. Агар ўсмирни қамамай тарбиялашнинг имкони бўлса, шу имкониятдан фойдаланиш зарур. Бу фикр назарий жиҳатдан қаралса, тўғри, аммо амалиётчилар буни қабул қилишлари қийин. Демак, ўрта йўлни топишимиз керак бўлади. Эҳтимол фаннинг бу соҳасида янги йўналиш очишнинг фурсати етилгандир? Фанда «биофизика», «биокимё» каби қўшма йўналишлар мавжуд. Балки ҳуқуқ илми билан руҳшунослик илми ҳам бир нуқтада бирлашар? «Ҳуқуқшунос-руҳшунос» фани қад ростласа болалар жиноятчилигига доир кўп масалалар илмий жиҳатдан ҳал бўлар?

Ассалом, озодлик...

Ёхуд ишончсизлик дунёси

Узоқ вақт тўшакка михланиб ётган бемор, шифо нишонаси сезилса ҳам дарров оёққа туриб кетолмайди. Айримларини худди гўдаклигидаги каби атак-чечак билан юришга ўргатилади. Қамоқдан чиқиб келган боланинг руҳий аҳволи ҳам шунга ўхшаш бўлади. У неча йил ўтирганидан қатъий назар, озодликдаги ҳаёт тарзидан анча узоқлашган бўлади. Унинг суҳбатлашишдаги қўполлиги, ноўрин сўзларни кўп ишлатиши, овқатланишдаги шошиши, атрофидагиларга гумонсираб боқишлари - булар бошқалар ҳам сезиши мумкин бўлган ўзгаришлардир. Уларнинг ички туйғулари - ўзгалар учун ёпиқ қасрдир. Қамоқдан қутилиб чиққан ўсмир умид қилгани - озодликда ўзини ноқулай хис қила бошлайди. Ҳатто ота-онаси яқинлари билан суҳбатлашишдан лаззат олмайди. Балки ўрганиб қолгани жиноят оламининг фуқаролари билан гаплашиб ўтиришни қўмсайди. Уйидагилар даврасида хомуш ўтирган чоғида қамалиб чиққан бирон одам йўқлаб келса, унинг чеҳраси очилади. Ўша одам билан суҳбатлашишни истайди. Унинг бу ҳолатини қамоққа қайтиш илинжи бор экан, деб баҳоламаслик керак. Зеро, айрим ўсмирларни айнан шу қўмсаш жиноят оламига қайтаради. Шу ўринда мантиқсизлик бордай кўринади: ўсмир тутқунлик даврида озодликка интилди, колониядаги тартиблардан безди. Энди ўтмишни қўмсашини нима деб асослаш мумкин? Қамоқда ўтган ойлар, йиллар бегоналар билан яқинлаштирди, айни чоқда эса яқинларидан узоқлаштирди.

Агар бола ўғирлиги учун қамалиб чиққан бўлса, ундан ҳадиксираш бошланади. Қариндошлариникига борса «бирон нарсани ўмариб кетмасин», деб изидан кўз узишмайди. Милитсия ҳам унинг тавбасига ишонмай, назоратини сусайтирмайди. Бола колония тутқунлигидан озод бўлса-да, ҳар томонлама назорат тутқунлигида қолиб асабийлаша бошлайди. Очиғини айтадиган бўлсак, қамоқдан чиққан ўсмирни жамият қучоқ очиб кутиб олмайди. Аксинча жиноят олами қувониб қаршилайди. Керакли нарсалар, хусусан маблағ билан таъминлайди. Оқибатда тўғри яшаш истагида чиққанларнинг айримлари тавбаларини унутадилар.

Қамалиб чиққанларни биров ишга қабул қила қолмайди. Улар аввалги ишларига ҳам қайтолмайдилар. Компютер ўйинхонасининг бошлиғи шундай болани ишга қайтиб олмади. «Комютерларим ўғирланса ким тўлайди?» деди. Моддий томондан қаралса, у ҳақ. Лекин уни маънавий томон мутлақо қизиқтирмайди. Қамалиб чиққан бола ундан ўч олиш учун ҳам ўйинхонасини ўмариб кетиши мумкинлигини ўйламайди.

Ч. исмли ўсмир безорилиги учун ушланиб, қамалиши лозим бўлганида у ишлайдиган корхона ўртага тушиб, кафилликка олади. Бу албатта, олижаноблик белгиси. Аммо кафилликка олиш - қамоқдан қутқариб қолишгина эмас. Корхонанинг кафилликка олгани - шу йигитчани ўзимиз тарбия қиламиз, деган ваъдани англатади. Ч. қамоқдан қутилиб қолгач, икки ойдан сўнг ишдан бўшаб кетади. Корхона уни олиб қолишга ҳаракат ҳам қилмайди. Кафилликка олишга олиб қўйиб, кейин «битта безоридан қутулсак қутулибмизда», дейди. «Кишини меҳнат тарбиялайди», деймиз. Бу ҳақиқатни инкор этмаймиз. Аммо ҳар қанча ишлашга мажбур қилинг, агар маънавий камолот масаласи ҳал этилмаса, бу зўраки меҳнат ижобий самара бермайди. Корхонада маънавий камолот масаласи билан шуғулланувчи одам йўқ эди. Ч.дан эртадан кечгача дастгоҳ ёнидан жилмай ишлашни талаб этишди. Кунда неча марталаб уни қамоқдан олиб қолишганини таъна қилишди. Ч. бу ердан кетди-ю, озод қушга айланди ва нодон қуш каби яна тузоққа илинди. У бир ярим йил колонияда ўтириб, яхши хулқи учун муддатидан илгари озод қилинди. Аввал ишлаган жойига қайтмоқчи бўлди. Олишмади. Қамоқдаги «зўр»ларнинг тавсияси билан катталар тўдаси уни бағрига олди.

К.нинг тақдири ўзгачароқ бўлди. У қамоқдан чиқиб ота-онаси ёнига қайтмай, шаҳарда яшайдиган бувисиникига келади. Шу ерда яшаб, тўғри йўлга тушишни ният қилади. Аммо ишга жойлашишга улгурмай бувиси вафот этади. Уйни набираси номига васият қилган бўлса-да, К. шаҳар рўйхатига(пропискасига) олинмайди. Бу дегани уни биров ишга ҳам ололмайди. Оқибат К. ҳам жиноий тўдадан паноҳ топади.

Қамалганларнинг аксари ишдан ёки ўқишдан ҳайдалишган бўлишади. Корхона ва муассасалар 18 ёшга тўлмаган ўсмирни ўз хоҳишича ишдан бўшатишга ҳақли эмаслар. Улар бундай ҳол юзага келганда вояга етмаганлар билан ишлаш комиссиялари билан маслаҳатлашган ҳолда маълум бир қарорни қабул қилишлари керак. Бу ўринда қонунни бузсалар-да, ҳеч ким уларга бирон чора кўрмайди. Хатто судда «шу ўсмир ишдан ҳайдалиб кўчада қолгани учун жиноят қилди», деган гапни эшитмаймиз. Аксинча уни шахсини аниқлаш жараёнида «ёмонлиги учун ишдан ҳам ҳайдалган», деб таъкид этилади. «Бола ёмон экан, уни яхши тоонга буриш учун қандай чора кўрилди?» деган савол кун тартибига қўйилмайди.

Айрим йиллардаги кузатувлар натижаси шуни кўрсатадики, қамалганларнинг 53-60 фоизи жиноят билан қўлга олингунига қадар бирон ерда ишлаган, 35-40 фоизи эса ўқиган. 5-6 фоизи ҳеч қаерда ишламаган, ўқимаган. Демак, ишлаган ва ўқиганлар қамоқдан чиқиб борадиган жойлари тайин. Аммо... Ҳамма бало шу «аммо»да. Қамоқдан чиққанларнинг 10-15 фоизи ярим йил орасида яна жиноят билан судланишининг сабаби ҳам ўша «аммо»да.

Қамоқдан чиққан ўсмирларни катталарнинг пишиб-этилган тўдаси эҳтиётлик билан қаторига олади. Уларга жиддий иш топширилмайди. Уларга асосан дастёрликни топширишади. Чунки улар ўсмирлар билан ишлашнинг хатарли эканини билишади.

Ўсмирларни қаторига бемалол тортавериши мумкин бўлган тўдалар асосан 20-25 ёшдагилар бўлишади. Ёки жиноят оламида иши юришмаган якка шахслар ҳам ўзларига тортишга уринадилар. Ўсмирларни жиноятга тортиш қонун йўли билан жазоланади. Лекин уларни жазога тортиш осон иш эмас. З. исмли бола такси ёллаб, овлоқроқ ерга борганда ҳайдовчининг бошига болға билан уриб беҳуш қилади-ю, пулини ўмариб, қочади. Буни бола ўз ташаббуси билан қилган ҳам бўлиши мумкин. Лекин айни ҳолатда унга қўшни уйда турувчи С. исмли ароқхўр йўл-йўриқ ўргатган. Аммо бу айбни у бўйнига олмайди. Милитсия эса оқилона йўл тутиб, З.ни ҳам қўйиб юборади. Орадан вақт ўтиб, «устоз-шогирд» дўкон қулфини бузишаётганида биргаликда қўлга олинадилар.

Жамиятдан меҳрибонлик кўрмаган ўсмирларнинг айримлари 2-3 ёки 4-5 киши бўлиб ўзларича тўда тузишлари ҳам мумкин. Лекин бу тўдаларнинг умри узоқ бўлмайди. Тез орада қамоққа қайтиш билан якунланади. Қамоқдан кейинги чиқишида қандай дунёқарашга эга бўлишини айтиш шартмикин?

Демоқчимизки, бўйсунмас болаларни жиноят жари ёқасида тутиб қолиш учун қанчалик зийраклик, меҳр-шафқат, донолик зарур бўлса, қамоқдан чиққанлар учун бу эътибор икки карра зарурроқдир. Шуни назарда тутиб бир таклифни ўртага қўймоқчимиз:

Қамоққа тушган ўсмирлар ва озодликка чиқарилганлар билан иш юритувчи бир хайрия жамғармаси тузилса. (Эҳтимол унинг номи «Шафқат» бўлар?) Жамғарма болани қамоққа тушган онидан бошлаб назоратига олса. Яъни вақти-вақти билан ундан хабардор бўлиб турса. Лозим бўлганида колония маъмурияти олдида унинг ҳуқуқини ҳимоя қилса. Агар боланинг ота-онаси ёрдамга муҳтож бўлса, уларга ҳам кўмак бериб турса. Хуллас, тутқун ўсмир ўз атрофида меҳрибонлар борлигини, озодликка чиқса хор бўлмаслигини хис қилиб турса. Жамғарма фаоллари уни қамоқдан чиқиб келишидан кутиб олишса. Озодликдаги ҳужжатларини расмийлаштиришни тезлатишга ёрдам беришса. Хуллас, барча соҳада унинг ҳуқуқларини ҳимоя этса. То ишга жойлашиб, ўзини ўнглаб олгунига қадар моддий жиҳатдан ҳам кўмаклашиб турса. Хуллас, адашган ўсмирнинг ҳаётдаги ўз ўрнини топиши учун нимаики зарур бўлса, шу ишларга масъул бўлса, қамоқхонага қайтариб борадиган йўллар тамоман беркилармиди...

Қамоқдан чиқиб келган ўсмирнинг кўнгли ўксик эканини зинҳор унутмаслигимиз керак. Кўнгли чўккан одамнинг кўнглини кўтармоқлик, савоб дейдилар. Ҳазрат Навоий бунинг савобини бузилиб ётган Каъбани обод қилиш мартабасига тенглаштирадилар. Дейдиларким:

Кимки, бир кўнгли бузуқнинг хотирин шод айлагай

Ончи борки, Каъба вайрон эрса обод айлагай.

Ва ниҳоят:

Ва ниҳоят, фикрларимизни хулосалаш фурсати етди.

Аввало фикрларни баён этмоғимизда куч-қувват берган, тўғри йўлни кўрсатган роббимиз Оллоҳга шукрлар қиламиз. Бирон ерда адашган бўлсак тавба қиламиз ва сиз азизлардан, ҳам узр сўраймиз. Вақтингизни аямай биз билан муҳим бир масалада ҳамсуҳбат бўлганингиз учун раҳматлар айтамиз. Оллоҳ то қиёматга қадар зурриёдларингизни жиноят олами балоларидан асрасин.

Ҳазрат Навоий деган эканларким:

Кимса минг йил комронлик қилса билким, арзимас

Даҳр аро бир лаҳза бўлмоққа биров коми била.

(Айтилмоқчиким, минг йил муроду мақсадингга етиб шоду хуррамликда яшаганинг ўзгаларни муродига етказмакка сарф этган бир лаҳза умрингга арзимайди.)

Камина ҳам шу ниятда сизларни - ота-оналар ва тарбиячиларни суҳбатга чорлаган эдим. Гапни мухтасар қилолмаган бўлсам, айбситманг. Масала шунчалик муҳим эди-ки, уч-тўрт сўз ила баён этмоқликнинг имкони бўлмади. Эътиборингизга ҳавола этилган мисоллар ва рақамлар бир ойнинг ёки бир йилнинг маҳсули эмас. Кузатишлар кўп йиллар давомида олиб борилди. Суҳбатимизда келтирилган айрим рақамлар баъзи биродарларимиз учун балки эскириб қолгандай туюлар. Эҳтимол «қамалиб чиққанларнинг 10 фоизи ярим йил ичида яна қамоққа қайтади», деган мисолимиз 2002 йилда саккиз ёки ўн икки фоизни ташкил этгандир. Биз бу ўзгаришлар мумкинлигини инкор этмаймиз. Бизни ўйлантирадиган, ташвишга соладиган нарса рақамнинг катта ёки кичиклиги эмас, балки шу ҳолнинг мавжудлиги. Қамалиб чиққанларнинг 1-2 фоизи яна қамалса ҳам биз эътиборимизни сусайтирмаслигимиз керак. Эътиборимиз сусайдими, демак, бу рақам келгуси йили 20 фоизни кўрсатиб қўйиши ҳам мумкин.

Ўсмирлар руҳиятини таҳлили жараёнида баён этилган фикрларга қўшилмаслигингиз ёки уларни бутунлай рад этмоғингиз ҳам мумкин. Биз мутлақ тўғри фикрга даъво қилмаймиз. Биз баёнларимизни эътиборингизга ҳавола этиб назария яратишни мақсад қилиб қўймаганмиз. Шубҳасизки, бу масалаларни биздан кўра яхшироқ биладиган, яхшироқ идрок этадиган олимларимиз ҳам кўп. Камина олим эмас, балки, ҳуқуқ илмидан бир чимдим, руҳшунослик илмидан бир чимдим биладиган бандадир. Умид улки, олимларимиз бу мавзудаги суҳбатни давом эттирсалар, ўсмирларнинг руҳий оламига доир яхши-яхши рисолалар битиб халққа инъом этсалар. Уларнинг бундай хайрли ишларига Оллоҳдан мадад сўраймиз.

Дуо қиламиз: ҳеч кимнинг суюкли фарзанди жиноят кўчасига яқин ҳам келмасин. Фарзанд дунёга келганда, ота-она қалбида туғилган ширин орзу-умидлар амалга ошсин. Оллоҳ ҳеч бир бандасини ҳидоятдан адаштирмасин. Омийн я Роб ал-оламийн.

«Маърифат»; газетасидан олинди.

II- qism
 
Keyingi