OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

5 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифТоҳир Малик
Асар номиКўричак (ҳажвия)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Ҳажв
Муаллифлар
   - Тоҳир Малик
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳажвиялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм10KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/10/05
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Кўричак (ҳажвия)
Тоҳир Малик

Ўтмишдан бир ҳикоя:

Анчадан бери хаста ётган одамнинг бир кар маҳалладоши бор эди. Дўстлари унга «хаста биродарингни шу пайтгача ҳам йўқламабсан-а?» деб танбеҳ бердилар. Бу гап карга таъсир қилиб, дарҳол зиёратга отланди. Йўлда бора туриб ўйланди:
— Мен карман, у эса хаста – ғоят паст овозда гапиради. Ҳеч нарсани эшитмасам, қандай гаплашаман?

Ўйлай-ўйлай «Беморнинг гапларини юздаги ифодадан билиб оламан,- деб қарор қилди. - Уйга киргач «Қандайсан?» деб сўрайман. У хазин табассум қилади, шу жилмайиши «яхшиман», дегани бўлади. Шунда мен «алҳамдулиллаҳ, жуда ҳам хурсандман», дейман. Кейин «нима ичиб, нима еяпсан?» деб сўрайман. Албатта, «шўрва» ёки «сут» деб бирон таомнинг номини айтади. Шунда мен «ош бўлсин», деб дуо қиламан-да, «қайси табиб қараяпти?» деб сўрайман. «Фалончи табиб», деб биронтасининг номини билдиради. Мен «У табибнинг ғоятда қўли енгил, яхши даволайди», деб кўнглини кўтараман», - деган тайёргарлик билан беморнинг уйига кириб борди. Режаси бўйича «Қалайсиз, қўшнижон», деб сўради. Бемор шукр ва сабр қилувчилардан эмасди. Шу боис кар кутгандай «Худога шукр, яхшиман», дейиш ўрнига маҳзунлик билан:
— Касалим оғир, ўляпман, - деди. Кар бу гапни эшитмаса-да, юзидаги хазин табассумдан ўзича хулоса чиқариб, суҳбатини давом эттирди:
— Оҳ! Оҳ! Жуда хурсандман, Худога шукр!

Бемор бу одамнинг карлигини унутиб, гапидан ғазабланди. «Бу одам душманим экан-да, билмай юрган эканман», деб ўйланди. Кар эса давом этди:
— Нима еб, нима ичяпсиз?
— Заҳар еб, заҳар ичяпман, - деди бемор аччиқланиб.
— Ош бўлсин, - деди кар. - Қайси табиб келиб турибди?
— Азроил келиб-кетяпти.
— Оҳ, оҳ! Унинг қўли жуда енгил-да, яхши даволайди.

Шундай деб ўзича беморнинг кўнглини кўтарган бўлиб, ўрнидан турди. Унинг душман эканига қатъий ишонган бемор эса ғазаб ўтида қовурилиб қолаверди.

Бугуннинг ҳикояси:

Акмал касалхонадаги қўшнисини йўқлаб қўйиш мақсадида нон сотиб олаётган эди, икки кўча наридаги таниши келиб сўрашди:
-Ҳа, баҳай? Бировни зиёрат қилмоқчисиз шекилли?
-Сотимбой, девор бўлмаса, кўчани ҳам кўрасиз-а?-деб ҳазиллашди Акмал.-Турғуннинг тоби қочибди, кўриб қўяй.
-Ие, Турғун танбалми? Нима бўпти?
-Ким билади, биқини оғрибди шекилли...
-Юринг, менам кўриб чиқа қолай.

Маҳалладаги кимдир, қачондир ва нима учундир «Сотибойнинг мучали хира пашша» деган эди. Шундай экан, Акмал бечора нима қилсин? Касалхонага узун-қисқа бўлиб кириб боришдан ўзга чораси қолмади.

Эшик остонасида Акмал кўриниши билан Турғунбойнинг чеҳраси очилди. Соядек эргашиб кирган Сотимбойни кўргач, аччиқ бодомни чайнаб юборгандай, юзлари буришди. Акмал унинг ҳолатини сезиб «мен айбдор эмасман, ўзи эргашиб келди», дегандай елка қисиб қўйди. У қўшниси билан саломлашиб «Тузукмисиз?» дейишга улгурди. Турғунбой эса «Худога шукр, тузалиб қолдим», дейишга улгурмади. Гапни Сотимбой илиб кетди.
-Биқин оғриятими?-деб сўради, аммо жавобни кутмай ўзи давом этди,-Ўнг томонми? Дўхтир нима дейди? Санчаётган бўлса, шамол теккан, дейди-да. Уларнинг топиб олган гаплари шу. Аслида, кўричак ҳам бўлиши мумкин. Булар кўричакни менсишмайди. Ишхонамда биттасининг кўричагини аперайса қилишган экан. Қорнида дўхтирнинг қайчиси қолиб кетибди. Икки кунда ўлди бечора. Қорнида қайчиси билан кўмиб келдик. Биқиннинг тепароқ томони оғриётгандир?

Турғунбой унинг нима учун сўраётганини билмай анграйиб ўтираверди.
-Ҳа, оғриган пайтда одам аниғини билмайди,-деди Сотимбой.-Аслида ўт пуфак оғригандир-у сезмагансиз. Ўт пуфак билан ҳазиллашиб бўлмай, акахон. Дўхтир пархез буюрдими? Ҳа, ана! Қариндошим парҳезга қарамаган экан, ўн беш кунга бормай ўлди. Ўт пуфак жигарнинг ёнида бўлади. Жигар оғриса ҳам ёмон. Жигар кетдими, одамнинг тирик қолиши қийин. Амакимнинг иккита қайниси уч ойнинг ичида шу жигардан ўлди-ю кетди.

Шу пайт ён каравотда ётган беморни йўтал тутди. Сотимбой унга тикилиб қаради-да, сўради:
-Акахон, йўталингиз хунук-ку? Дўхтир нима дейди? Бу шамоллаш эмас, ўпка шамоллаганда йўтал бунақа бўлмайди. Ўпканинг бир томонини тамом қилганга ўхшайсиз, тез олдириб ташламасангиз, иккинчи томонига ҳам ўтади. Хотинимнинг бувиси шунақа касал билан ўлган эди. Йўталиб-йўталиб юрди-ю бир кунда бўғилиб ўлиб қўя қолди.

Дераза томондаги каравотда ўтирган бемор бу гапларни эшитиб «Бай-бай-бай!» деб бошини ушлаб қолди. Сотимбой унга тикилиб қарагач, ачингансимон деди:
-Бош ушлаб қолдими, акахон? Бошни эҳтиёт қилинг. Касалингиз аналгин билан тузаладиганга ўхшамайди. Рангингиз жа-а бошқача-ку? Ҳозир янги касал чиқибди. Мияни қуртга ўхшаб еб, адо қиларкан. Телевизорда кўрдим. Италияда биттаси шу касалдан ўлибди.

Ҳамхоналари олдида ҳижолат бўлган Турғунбой уни гапдан тўхтатиш чорасини тополмай ўтирганда ҳамшира кириб, мушкулини осон қилди. Акмал бундан фойдаланиб, кетишга чоғланди-да, Сотимбойни қўлтиқлади. Сотимбой қаршилик қилмади. Эшиккка яқинлашганда тўхтаб, ҳамширага норози қиёфада қаради:
-Сингилжон, акаларингизга яхшироқ қаранглар. Катта дўхтирингизга айтиб қўйинг, уччаласининг диагнози ҳам нотўғри. Бошқатдан текширсин. Мен эрта-индин яна келаман.

Ҳамшира ҳайрон бўлиб қолган эди, Турғунбой «амакингиз ҳазиллашди», деб уни тинчитди.
-Қўшнингиз эрта-индин келаман, деб кетди. Гапи ростми?-деб сўради йўталган бемор.-Агар келиши рост бўлса, бугуноқ уйга жўнаб қолиш керак.
-Шу одамга қўшни бўлиб чидаб юрганингиз учун сизга балли!-деди бошини ушлаган бемор.-Таништирмадингиз ҳам, исми нима унинг?

Турғунбой уятдан қизариб кетди. Чуқур уф тортиб, жавоб берди:

-Исми «Кўричак»...