OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифТоҳир Малик
Асар номиКурорт (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Тоҳир Малик
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм52KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/07/12
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Курорт (ҳикоя)
Тоҳир Малик

У раиснинг хонасидан чиқиб, болаларга қанд-қурс олай, деб дўконга кирди. «Ҳа, Аҳмадбой, раис йўқлабдиларми?» «Йўқлабдилар, курортга юбораман, деяптилар». Бор гап шу Тракторчи буни дўкон остонасида эшитди. Тракторининг мотори одатдагидек ўчирилмаган эди, ўтирди-ю, ғизиллатди. Уйига ҳаш-паш демай етиб борди. Янгиликни хотинига айтди. Бу гап кўчага югураётган ўғлининг қулоғига илинди. У кўчага чиқиб, Самадга дуч келди. «Ҳей, Самад, отанг курортга бораркан», деди. Самад эса уйига қараб учди.

Ўғлининг «отам курортга кетаяпти эканлар», деган гапини эшитган Назира жонҳолатда «Вой, ўлмасам!» деб юборди. Унинг кўзига эри эшикдан иккита сатанг хотинни бошлаб келаётгандай кўриниб, юраги шув этиб кетган эди.

Отасининг курортга бориши болалар учун кутилмаган шодлик эди. Ахир курортнинг бошидан охиригача магазин бўларкан. Отаси у ердан қуруқ қайтмас. Раён марказидан белбоғини тўлдириб майда-чуйда олиб келадиган одам курортдан бир дунё нарса билан қайтар. Фақат... каттароқ жомадон бериб юбориш керак...
— Отам курортга кетяпти эканлар!..

Самаднинг бу ҳайқириғи бир пой калиши паст тушиб, бир пойи панжасига илиниб қолганича сўрида оёқларини осилтириб, оппоқ соқолли энгагини кўкрагига тираб мудраётган Матқобул бувани чўчитиб юборди. Бошини кўтариб, набирасини излади.
— Ҳой, нима дединг, қанисан ўзинг?

Самад югуриб келиб, бувасининг елкасига қўлларини қўйди-да, даҳанини чўзиб бақирди:
— Отам курортга...
— Ҳе, бақирма-э! Раёнга кетибдими?
— Курортга борар эканлар.
— А?-Матқобул буванинг юзидан қони қочди. Самад бу ўзгаришни сезмади. «Бувам эшитмадилар шекилли», деб яна овозини кўтарди.
— Ку-рорт-га!
— Бас!- Матқобул бува болани нари итарди. Бир оз гангиб ўтирди-да, ерга тушди. Шундагина бир оёғида калиш йўқлигини билиб, эгилди. Самад чаққонлик қилиб унинг оёғига калишни илди.
— Ҳассамни олиб кел!

Самад бу амрдан ажабланди:
— Катта дада,қўлингизда-ку?

Матқобул бува чеварасига майна бўлишни истамай:
— Бунисини эмас,-деб танбеҳ берди.

Самад гап қайтармай, анчадан бери тутилмагани сабабли катта сўри тагига ташлаб қўйилган эскиҳассани олиб берди.

Чол унга яна бир нима деб бақирмоқчи бўлди-ю, «Бунда нима гуноҳ, нимага заҳримни сочаман», деб инсофга келди. «Бу Аббоснинг иши. Болаларимга тикилган кўзларини ўйиб оламан», деб тўнғиллади-да, эски ҳассасини тўқиллатиб, кўча томон юрди.

Кўчага чиқиб, ўттиз қадам ҳам босмай неварасини кўриб тўхтади.

Аҳмад бригадир хали хеч нарсадан хабари йўқ, қўлида тўрхалта, пиджаги елкагай, дўпписи чапга бир оз қийшайган ҳолда туя юриш қилиб келарди. Чолнинг кўча ўртасида туриб олганини кўриб, қадамини тезлатди.
— Ҳа, катта ота, тинчликми?

Чол неварасини энди кўраётгандай бошдан оёқ разм солиб, унинг кўзларига савол назари билан тикилди:
— Қаёққа кетяпсан?
— Уйга..-деди Аҳмад бригадир, чолнинг саволидан ажабланиб.
— Курорт-чи?
— Қанақа курорт?
— Кетаётган эмишсан-ку?
— Ҳа... дарров етиб келдими?-Аҳмад бридагир «катта отам «бемаслаҳат иш қипсан», деб ранжияптилар», деган хаёлга бориб, кулимсиради.-Ҳали хом гап бу, катта ота, сиздан бесўроқ бир ёққа борармидим?
— Раис борасан, деяптми?
— Ҳа, шунақа гап бўлди.
— Аббос, а?
— Раисимиз битта-ку, катта ота.
— Бормайсан!
— Хўп.

Неварасининг дарров кўна қолгани чолда шубҳа уйғотди.
— Бормайсан, деяпман!!- бу сафар қатъийроқ гапирди.
— Хўп, дедим-ку...-бу сафар невара янада осонлик билан кўнди.
— Нари тур,-деди чол қўли билан ишора қилиб.
— Қаёққа бормоқчисиз?

Матқобул бува жавоб бермади. «Болаларимга тикилган кўзларини ўйиб оламан», деб ғўлдираб юриб кетди.

Вафот этган қариндошларини кунда, кун ора тушида кўравериб, «ёғоч отдаги сафарига шайланиб қолган» чолнинг юрагида қирқ беш йилдан бери яшириниб ётган армонни бу хабар бехос туртиб, уйғотиб юборган эди. Чол бу армонини шу топгача бировга билдирмаган, шунча йилдан бери ўз ёғига ўзи қовриларди.

* * *

Ўшанда келини шу Аҳмадга бошқоронғи эди.

Бир куни ўғли тўнини елкасига ташлаб, хуфтон вақти ишшайиб кириб келди.
— Ҳа, лаб-лунжингни йиғиштиролмай қопсан. Бевақт санқима, деб сенга айтувдимми ё бувингнинг такасигами?-деди у астойдил аччиқланиб.
— Ота, идорада эдим, мажлис бўлди.
— Аббос ғўзани мажлис билан тўйдиряптими, мунча йиғинларинг кўп?
— Битта одам курортга бориши керак экан, шуни муҳокама қилиб, мени лозим кўришди.
— Нима?- чол у пайтда курорт нималигини билмас эди. Муҳокама қилинган бўлса, ёмон жой шекилли, деган фикр миясига урилди.-Нима гуноҳ қилувдинг?
— Ие,ота, курортга гуноҳ қилганларни юборишмайди. Курорт томоша қиладиган жой-ку?
— Ҳа... унда майли. Қаерда экан, шу раёндами?
— Йў-ўқ, узоқроқда. Поездда беш кунлик йўл дейишди.
— А?! Э... сени лақиллатишибди, бола. Беш кунлик йўлга яхшиларни юборишмайди. Раёнга борсанг бир нави, ҳа, ана Кўқонга бор, томоша ўша томонда. Аббосдан чиқдими шу гап? Энасини Учқўрғоннинг қайқисидан кўрсатиб қўярман. Менинг боламни беш кунлик йўлга жўнатадиган зўр ҳали туғилмаган!
— Ота, сиз тушунмадингиз, ўйнаб, дам олиб келгани юборишмоқчи.
— Жим бўл, бола!

Ўша куни раис билан сан-манга борди-ю, аммо устун келолмади. Ўғли икки кунда жўнаши лозим экан. Ўғлини шартта қўшни қишлоққа, опасиникига жўнатди. Икки кундан кейин раис юк машинасида келди.
— Матқобул, ўғлинг қани?-деди этиги қўнжига қамчи билан уриб қўйиб.
— Курортингга жўнаворди,-деди Матқобул сўридан тушмай.
— Ҳой эса йўқ, ҳукумат яхши ишлаганлар меҳнатининг роҳатини кўрсин, деяпти, тушунсанг-чи?!
— Унда ўзинг боравер.
— Бултур бордим-ку?
— Бу йилҳам бор, мен розиман.
— Жиғимга тегма!
— Ўғлим бормайди.
— Боради. Қаердалигини айт. Қарорни бузишга ҳаққинг йўқ.

Матқобул бу дағдағани сариқ чақага олмаслигини бир қўл силташ билан ифода этиб қўя қолди.
— Айтмасанг... қаматиб юбораман, билиб қўй.
— А?!-Матқобул энди ўрнидан туриб кетди.-Мени-я!?

Раис унга яқинлашиб, паст овозда деди:
— Мени биласан-а, жиғимга тегма. Кечаси ҳовлингга буғдой ташлатаман-у, азонда тўртта гувоҳ билан келаман.

Матқобул серрайибқолди.
— Ошначилигимизнинг оқибати шуми?
— Унда ўғлингнинг қаердалигини айт.
— Аббос...
— Тез бўл. Э, галварс, одамлар у ерларга боришни орзу қилишади. Каллангни ишлатгин. «Кимсан, Матқобулнинг ўғли курортга борибди!» дейдиган гапдан қувонсанг-чи!

Ошна бўлгани билан Аббоснинг раис деган мартабаси бор. Калласига нима келса қилаверишдан тап тортмайди.
— Ростданам ўзинг борганмисан?
— Э, носқовоқни сенга ўша ердан олиб келганман-ку?

Аббос алдади: ошнасига совға олмаганидан хижолат чекиб, йўл-йўлакай Қўқон бозоридан чиройли носқовоқ харид қилган эди. Матқобул совғани эслаб, ўйланиб қолди: «Ҳа, курортдан олиб келдим, девди-я. Носқовоғига қараганда, ўзимизнинг жойларга ўхшаркан...»
— Ўғлинг қаерда? Бўл тез, бугун поездга чиқиши керак.
— Сенам беш кун йўл юрганмисан?
— Юрса нима?
— Йў-ўқ, бўлмайди ошна. Хотинининг ой-куни яқин.
— Ўзиники-чи?
— Нима «ўзиники»?
— Ўзининг ой-куни яқин эмасми? Йўл-пўлда туғиб қўяди, деб қўрқяпсанми? Бўпти, айтмасанг, айтма, ўзим топиб оламан,-раис шундай деб кўчага чиқди-да, ҳайдовчига нимадир деб тайинлаб, изига қайтди. Юк машинаси кўчани чангитиб юриб кетди.
— Ўғлинг ҳозир келади. Келинингга айт, йўлга у-бу тайёрлаб қўйсин.
— Мошинқаёққа кетди?
— Опангникига.

Матқобул довдираб қолди: қаёқдан билади? У раиснинг икки кун ичи бу хонадонга яқинлиги бор уйларни дараклаганидан бехабар. Раис ошнаси билан гаплаша туриб бирдан унинг опаси эсига тушиб қолди. Матқобулнинг ака-укалари йўқ, ёлғизгина бир опаси бор. Ўғлини ўша ерга яширмай, қаёққа яширарди? Ҳозир Матқобулнинг ташвишга тушганини кўриб, тахмини тўғри чиққанини билди.

«Гуноҳкор» ярим соатда уйда бўлди. Хотини тайёрлаб қўйган тугунни олди-ю, хайр-хўшлашиб жўнади...

Матқобулнинг армони шу - ўғлини олиб қолишга қурби етмади. Раис «қаматвораман», деб пўписа қилса, қўрқиб ўтирибди.

Олиб қолиши керак эди.

Олиб қолиши шарт эди...

Чунки... ўн кундан кейин уруш бошланди. Ўғли ўшанақаси урушга жўнабди. Икки йилгача хат келиб турди... Аҳмад отасини кўрмай ўсди.

Аббос раис энди уни ҳам курортга юбормоқчи...

Қирқ беш йил аввал «курорт» деган сўзни эшитиб, ёмон жойдир, деб ўйлаган Матқобулнинг кўзига ўшандан бери уруш майдони бўлиб кўринади...

Аббос раис қиёматли ошнасининг хассасини дўқиллатиб кириб келишини билса-да, хабарнинг тез тарқалиш тезлигини ҳисобга олмагани учун уни эртага келса керак, деб ўйлаган эди. Матқобулни идора ёнидаги самоворхонада кутиб олиб, сўрига бошлади. Ҳол-аҳвол сўради.
— Икки оёқда юриб, тил билан гапиряпман, ҳали бу дунёдан умидим бор,-деди Матқобул.-Нимага келганимни билиб турибсан-а?
— Ҳа.
— Битта ўғлим етмаганмиди сенга?
— Бу гапингни қўй, ошна. Уруш кўпга келган тўй эди. Ўғлинг шу ердан ҳам кетарди-да.
— Ҳеч бўлмаса рози-ризолик тилашб қолардим-ку, ўғлини кўриб кетарди-ку?
— Мен билибманми...-раис шундай деб четга қаради.
— Энди Аҳмадга осиляпсанми? Уни нимага юбормоқчисан?
— Баҳорда нима бўлгани эсингдан чиқдими? Далада юрагини чангаллаб ётиб қолдими? Силласи қуриб кетган бола пақирнинг. Дўхтирлар «дам олиши шарт», деб менга қайта-қайта айтишди. Шу пайтгача курортга борсин, девдимми? Э, ишлаганидан кейин дам олишни ҳам ўргансин-да!
— Ўзинг ўрганавер.
— Мен ҳар йили бораман. Шунинг учун ҳам сенга ўхшаб хассага таяниб қалтиллаб қолмаганман. Мендан уч ойлик кичиксан. Аҳволингни қара!
— Аҳмад бормайди.
— Бекор айтибсан.
— Қаматворсанг ҳам юбормайман.
— Боланинг жонига жавр қилма. Биламан, аламинг бор. Лекин ҳозир замон яхши. У даврлар бошқа эди. Илгари беш кун йўл юрган бўлса, энди уч соатда боради., уч соатда келади. Билиб кўй: юрагини даволатмаса... бунингдан ҳам ажраб қоласан, билиб қўй, дарди ёмон, боланинг умрига зомин бўласан!
— Қўқонлик дўхтурларга бора қолса-чи?
— Бўлмайди. У денгиз бўйида даволаниши шарт. Ўша қўқонлик дўхтурлар шунақа дейишди.
— Рост айтяпсанми?
— Касали бўлмаганида юбормас эдим. Дардингга мен шерик бўлмасам яна ким шерик бўлади. Сени ташвишга қўйиш менга лозимми? Мен ҳам қаридим. Колхозни бу йил топшираман. Эллик йил тебратибман, етар. Ўрнимга келадиган одам Аҳмаднинг ҳолидан хабар оладими, йўқми...Ҳозир курорт отлиқлардан ортмай қолган. Аҳмадга курортнинг қоғозини оламан, деб эна сутим оғзимга келди. Сен қайсарлик қилма.

Матқобул лаққа тушганини ўзи ҳам билмай қолди. Икки ошна сўрида ёнбошлаб, чойхўрлик билан кунни хуфтон қилишди.

* * *

— Дадаси, у ерларда...
— Айтавер гапингни, бунча чайналиб қолдинг?
— Йўқ, қўйинг, айтадиган гап эмас.
— Энди кўнгилни хижил қилма, айт.
— Бир гап эшитдим... У ерларда ҳалигидақа... хотинлар бўлармиш...
— Ҳе, эси йўқ! Ҳе, бетамиз!
— Аччиғингиз чиқмасин. Эшитганимни айтяпман-да.
— Бунақа гапларни эшитадиган қулоқнинг кар бўлгани яхши!
— Қўйинг, яхши нафас қилинг. Кўрганлар айтди-да. Эркак одам уйдан узоқлашса...
— Юм оғзингни! Минг лаънат сендақа лақмага! Отам юрган ерларда шунақа иш қиламанми!?

Шундай деб тескари ўгирилиб ётиб олган эди. Шу гап баҳона бўлиб, йўлга чиқар олдидан хотинини суйиб эркаламади.

Ҳозир, самолёт тоғдай булутлар уюми орасидан чиқиб, титроғи босилганидан кейин кўзлари мудроқ ихтиёрига берилган дамда ўша қисқа, аммо ўзини лов этиб ёндириб юборган суҳбатни эслади-ю, афсусланди.

Соддалик ҳам хотин кишининг ҳуснига киради. Биров шу гапни айтибди, у ишонибди. Эрини азбаройи яхши кўрганидан қизғанибди. Э, хом сут эмган банда! Шундай хотиннинг қадрига етмади, етмади-я!

Юраги санчиб, уйқуси қочди. Врачнинг ўгитини эслаб, чўнтагини пайпаслади. Волидол олиб, тилининг тагига ташлади. Уйқуси ўчган бўлса ҳам, бари бир кўзларини юмди.

Гапнинг ўғил боласи - Қора денгиз бўйига бориб дам олиши аниқ бўлганидан кейин бунақа гапларни ўзи ҳам эшитди. Тўғрироғи, илгари бир-икки қулоғига чалингану унча аҳамият бермаган эди. Бу сафар бир эмас, уч-тўрт киши айтди. Уларнинг таърифидан кейин юрагининг бир четида ғалати майл уйғонди. Аввал денгиз бўйида юриб даволаниб қайтишни ўйлаётган бўлса, энди соҳил кўз олдига келганида бир-икки офатижонлар ҳам «учрай» бошлади. Ўзи бошқаларнинг гапига лаққа тушиб, яна хотинини лақма, деб койиб, аразлаб ётибди-я!

Унинг тўсатдан ловиллаб кетишига бу бир баҳона халос. Асл сабабини билса ҳам, тан олгиси келмайди.

«Пулинг бўлса халтада - боравергин Ялтага».

«Мен Ялтага кетмаяпман-ку?»

«Бу бир гап-да, Аҳмадбой. Пулинг бўлса бор. Қад-қоматдан Худо сени қисмаган. Қирчиллама ёшдасан. Дўхтир-пўхтир деб юрма. Юракнинг давоси - нозаниннинг биргина нозли карашмаси. Бирор сўзамол йигит билан улфат бўлгин-у, орқа олдингга қарама - полний вперёд! Йигирма тўрт кун ичида йигирма тўрттасини татиб кўрмасанг ҳисобмас».

Шунақа «насиҳат»лардан кейин хаёлида бир йигит билан дўст тутинди. У икки қизни бошлаб келди... Хаёлидаги бу кўнгил изҳори кўпга чўзилмасди. Фикри тиниклашиб, ўзига келиши билан, чиндан ҳам «чап»га юргандай сесканиб кетарди. Ҳатто хотинининг кўзларига қарай олмаган вақтлари ҳам бўларди. Хотини ўша тун гумонини айтганида, у аввалига «сири» фош бўлгандай қалқиб тушди. Аччиқланиш учун шунинг ўзи кифоя эди.

«Сен унақа ҳар кимнинг гапларига қулоқ солаверма. Раис бувами ёки райком бувами айтсалар ишон. Улар ўша томонларда кўп бўлишган. Сен айтгандақа жой бўлса, мени юборишармиди? Ўзинг ўйлаб кўр-чи, ғўза шонага кираман, деб турган маҳалда қайси бригадирнинг дам олишига руҳсат беришган!?»

Хайрлашар пайтидаги гапларини эслаб, кўнгли таскин топди: «шуни яхши айтдим...»

Аҳмаднинг тўнғичи бу йил мактабни тугатди. Кўз очиб кўргани Назираси билан сира сан-манга бормаган. Бошқа бировга қараш етти ухлаб бир тушига кирмаган. Эркак зотининг ҳам минг бир тури бор. Юрган йўлида бегоналарни қўмсайдиганларни Аҳмад кўрган. Уйда гулдай хотини, болалари туриб, чакки қадам олувчи танишларидан ҳамиша нафратланиб, аниқроғи, ҳазар қилиб келган. Бундайлар саргузаштларини кўпириб ҳикоя қилаётганларида Аҳмаднинг хаёли қочмаган, шайтон васваса қилмаган, дейилса, ёлғонга йўл берилган бўлади. Аммо бу ҳис яшинсимон ва ўткинчи бўлиб, уни кўп тобе қила олмаган.

Мана энди, уйидан узоқлашар маҳалида, ғалати ҳислар гирдобига тушиб, гангиб юрибди.

Мақсад - даволаниш. Уват бўйига йиқилиб қолмаганида бу ҳам йўқ эди. Авваллари юраги санчиб-санчиб қўйса ҳам эътибор қилмасди. Юрак билан ўйнашиб бўлмас экан. Касалхонада ётганида хотини «Худо сизни болаларингизга қайтариб берди», деди. Энди батамом тузалиш учун кетяпти. Аммо баъзан орага шайтон оралаб, ҳислари жиловини бўшатиб қўяди. Ўзи хоҳламаса ҳам хаёли бошқа томонларга чорлайверади.

Ёнида икки жувон ўтирибди. Кўхликкина. Назарида иккови ҳам унга ўғринча қараб қўйяпти. Гапни эркак киши бошлаши керак. Нима дейди? «Қачон етаркинмиз?» деб сўраса-чи? Э, йўқ, ҳозиргина сув олиб келган кузатувчи қиз аниғини айтиб кетди. «Дам олгани боряпсизларми, қаерга?» десинми? «Сизга нима!» деб қайириб ташласа-чи?» Гап билмаганидан кейин индамай кетгани маъқул. Агар бирор илинжлари бўлса, ўзлари гап бошлашар...

Йўқ иккала жувон ҳам унга қарамади.

Аҳмад самолётдан бир ўзи шўппайиб тушди. Юкларини олиб, кенг майдонга чиқди. Биров-бировга қарамайди. Бировнинг биров билан иши йўқ. «Самолётдан тушишим билан нозанинлар ўртасида талаш бўлиб кетаман», деган ўйга ҳам борган эди. Атрофига қараб, ҳафсаласи пир бўлди. Чиройли қиз-жувонлар оз эмас. Лекин бирови унга қиё боқаман демайди. Уларга гап отувчи лаб-даҳан эса унда йўқ.

Бу ҳолдан мамнун ҳам бўлди - шайтон васвасасидан қутулди. Айни пайтда бекорчи ҳисларга берилгани учун ўзидан ўзи нафратланди.

«Овози раста бўлган бола ҳам менчалик бефаросатмасдир. Нималарни хаёл қилиб юрибман?!»

* * *

Аҳмад қабулхонада хушрўй йигитга рўпара бўлди. Қошлари ҳудди териб қўйилгандай текис, қирра бурун, узунчоқ оқ юзли бу йигит пича уриниб қолган жомадонли Аҳмадни жилмайиб қарши олди. Аҳмад юкини бир четга қўймай туриб, йигит унга бошдан оёқ разм солишга улгурди. Аҳмад буни сезди. Жилмайишининг сохталигини, хизмат юзасидангина шундай қилишга одатланиб қолганини фаҳмлади. Бу ерга келишдан олдин «Мева-чеваларни ўртага кўйиб, тузукроқ жой сўрайман», деб ўйлаган эди. Йигитнинг димоғини кўрди-ю, феъли айниди. Йигит ўзини «навбатчи врач» деб таништириб, қоғозларни тўлдирди. Босимни ўлчаган бўлди.
— Даволаймиз!-деди қоғозларни четга суриб. Кейин Аҳмаднинг кўзларига тикилди.-касалингиз хавфли эмас. Сизни икки нарса даволайди. Биринчиси - ҳаво ва сув. Иккинчиси... хўш, нима?

Аҳмад йигитнинг айёрона боқаётган кўзларига қарай олмади, елка қисди.
— Иккинчиси...-йигит кулди,- аввалига ҳамма ўзини билмаганга солади. Ҳай. Майли, билмасангиз билиб оларсиз: иккинчиси шўхлик! Шўхлик ва яна шўхлик!..

Аҳмад йигитнинг нимага шама қилаётганини тушунди. Аввалига хижолат тортди. Кейин йўлга чиқиш арафасида хотинидан шунга ўхшаш гап эшитиб, қандай ғазабга минган бўлса, шундайҳолга тушди.
— Менга қара, бола,-деди дабдурустдан сенсираб,-бу ерга мен ишларимни ташлаб келганман. Болаларимнинг ризқидан чегириб пул сарфлаганман. Сен нима деб юрибсан?! Бузуқлик қиладиган бўлсам, шундан шунга аҳмоқ бўлиб келаманми? Ҳе, сени бу ерга ўтқизиб қўйганни...

Йигит унинг важоҳатидан чўчиб, ўрнидан туриб кетди.
— Ие, ие, асаблар чатоқ-ку! Ҳазилни ўзингизга олманг. Ҳазиллашдим, ахир.
— Бориб энанг билан ҳазиллаш!

«Hazilkash» vrach Ahmadni ovutgan boʻldi-yu, ammo ertasidan boshlab uni koʻrsa ham koʻrmaganga olib oʻtishni odat qildi.

Курорт деганлари Аҳмадга ёқмади. Хотинлар дўконма-дўкон изғишдан, эркаклар улфатчиликдан бўшамайди. Аҳмад бошқа ҳамқишлоқлари каби, умрида бирон бир кунни бундай бекорчилик билан ўтказмаган. Одам кун бўйи бўш ўтириши мумкин, деган ҳақиқатни танасига сингдиролмас эди. Раис: «Аҳмадбой, ишни дўндирдинг, бир ой рухсат сенга, дамингни олвол», деса ҳам уйданми, устахонаданми бир юмуш чиқариб, ивирсиб, кунини ўтказарди. Бу ерда бутунлай бўш бўлиб, гангиди... Йўл яқинроқ бўлганида машина кира қилиб бўлса ҳам жўнаворарди. Нима қилсин, самолёт паттаси чўнтагида турибди - йигирма тўрт кунни шу азобда ўтказишга мажбур.

Бир-икки кун ён-атрофни сайр қилди. Назарида дадаси худди шу оромгоҳда ётган, шу сўқмоқларда юрган, шу соҳилда уйдагиларини соғиниб ўтирган... Дадасининг қайси курорт шаҳрида бўлганини билмайди. Раис ҳам унутворган. Катта отасига бир нарсагина маълум: ўғли курортга деб кетган ўшанда. Аҳмад «Отам шу ерда бўлганлар», деб ўзини ишонтириб, гўё дадасининг изларини зиёрат қилгандай юрди. Вужудида қарор топган мана шу ҳис йўлга чиқиб, то шу ерга келгунича бот-бот уйғониб, бесаранжом қилаётган шаҳвоний майлларини бўғиб ташлади.

Тўрт кундан кейин ҳамхонаси кетиб, ўрнига бошқаси келди. Буниси аввалига унга маъқул тушди. Ўзини Дониёр деб таништирган думалоққина бу йигит саккиз яшар ўғлини бирга олиб келибди.

«Eҳ, калла! Саматимни ёнимга олволсам бўлмасмиди! Би-ир яйраб кетарди-я! Ўн иккига кириб, даладан бошқа нарсани кўрмади. Хотиннинг ҳам калласи ишламайди-да. «Ўғлингиз ҳам биргалашиб борсин», демайдими? Э... у бечора қаерданам билсин... Дониёрнинг эси бор экан. Ҳам ўзи яйрайди,ҳам боласи...»

Йўқ, эртасидан бошлаб Дониёрдан кўнгли қола бошлади. «Онаси менга қоровул қилиб юборди, дейдими? Вой, даюс-э, гапи қизиқ-ку, бунинг. Ўғлини олиб келганидан пушаймон шекилли...»

Дониёрдан «Қоровулни ухлатиб келдим», «Қоровул кинода, бир ярим соат вақтим бор», деган гапларни эшитгани сайин ундан нафратлана бошлади. Дониёр ўғлининг кўзини шамғалат қилишга уринган дамларда Аҳмад уйидагиларни эслаб эзилаверди. Бирорта боласини олиб келмаганидан афсус чекаверди.

Дониёр Аҳмаднинг тобора совуқроқ муомала қилаётганига эътибор бермади. Табиати шунақа тўнг бўлса керак, деб ўйлади. Аҳмадни ҳоли-жонига қўймай ҳали кинога судрайди (буниси майли), ҳали тантсага (кошки Аҳмад тантса тушса), ҳали юзта-юзтага таклиф қилади (жини суймаган одам билан ичгунча бошини кундага қўйишга ҳам рози). Бир хонада тургандан кейин ҳаммасига чидар экансан. Хотин бўлса экан - қўйиб қутилсанг, қўшни бўлса экан - ҳовлингни сотиб қутулсанг. Бор-йўғи уч ҳафталик ҳамхона. Уч ҳафта - уч йил эмас, деб ўзига таскин бериб юраверди. Кутилмаган воқеа содир бўлмаганида балки муддат тугагунга қадар ҳам у билан бир хонада яшайверарди. Аммо ўша воқеа юз берди-ю...

Аҳмад соҳилда офтобда тобланиб ўтирган эди. Бир қўлида майда-чуйдага тўла халта, бир кўлида магнитофон кўтарган Дониёр лопиллаб келиб қолди.
— Э, Аҳмад ака, туринг тезроқ,-деди у, тўрхалтани қумга қўйиб.-Боғимизга иккитагина қушча учиб келди. Эндиям чиқмасангиз қаттиқ ранжийман, ака. «Қоровул»ни теплоход сайрига юбордим. Икки соат вақтим бор.
— Қўйинг, Дониёржон, бунақага юрмайман, биласиз-ку.
— Вой, акагинам, курортга қиз келиб, қиз кетмоқчимисиз, туринг-э, эшитганлар уят қилмайдими!

Хуллас, Аҳмад у деса Дониёр бу деди, охири қалтисроқ бир гап айтди-ю, боришга кўндирди. Орият кучлиликқилди.

Дониёр шу кунга қадар ҳам Аҳмадсиз ишини дўндириб юрган эди. Бугун (аксига олади-да!) пичоққа илинадиган шерик топилмай қолди. Йўқдан кўра бор, деб Аҳмадга осилди. Аҳмад эса буни тушунмади.

Улар юқори томондаги дарахтзорга кўтарилишди. Чоғроқ ялангликда, буталар панасида икки қиз ўтирар эди.
— Новчаси сизга, қорачаси менга,-деб шипшитди Дониёр.

Аҳмад тиззасини қучоқлаб ўтирган қизнинг ёнидан жой олди. Дониёр тўрхалтани бўшатди. У тинмай гапирар, қизларга ҳазил қилар, ҳазили совуқроқ бўлса ҳам қизлар қиқирлашдан тўхташмасди.

Озгина ичишди. Дониёр магнитофонни қўйди. Қорачадан келган қизни қўлидан тортиб турғазди.
— Бир ҳил дориларга «ичишдан олдин чайқатиб олинг», деб ёзиб қўйилади. Тантса ҳам шунақа - чайқатиб олиш керак,- деди у Аҳмадни ҳам туришга ундаб.

Аҳмад жойидан жилмади. Қиз ҳам унга ер остидан қараб-қараб қўйди-ю, куйга монанд равишда тебраниб ўтираверди. Аҳмад қизнинг юзига тик қарашга ботинмади. Қиз ёш, чиройли эди. Аҳмад шундай чиройли қизнинг бегона эркак билан бемалол ўтиришини ҳеч ҳазм қила олмади. Ногоҳ унинг оёқларига қаради: болдири бўлиқ, тирноклари бўялган.

Хотинини эслади. Назиранинг қомати чакки эмас. Шунақа кийинтириб қўйсанг, ҳеч ким уни олти бола туққан хотин демайди. Фақат қўлининг суяклари йўғонроқ. Кўп кетмон чопганидан шунақа бўлганмикин... Оёқлари... товони кўп ёриларди. Оғриса ҳам эрига айтмасди. Пишиқ ғиштга ишқалаб ювиб, кечаси ёғ суриб ётарди. Кўп азоб чекарди бечора, бироқ, ғиринг демасди. Оёғининг тирноқларини бўяш хаёлига ҳам келмас...

Яна озгинадан ичишгач, орадан шарм пардаси бутунлай кўтарилди.
— Маиший хизмат нималигини биласизми?-деди Дониёр Аҳмадга кўз қисиб, кейин қизни қўлтиқлаб, буталар орасига кириб кетди...

* * *

— Тўпори одам экансан,-деди қиз.

Аҳмад унгақарамади:
— Шу юришингни онанг биладими?

Даҳанини тиззасига тираб ўтирган қиз унга ажабланиб қарадию жавоб бермади.
— Эрга тегсанг бўлмайдими?

Қиз чимирилди.
— Эр чиқмаяпти.
— Нимага?
— Ишинг бўлмасин.

Аҳмад «Юришинг шу бўлса сенга эр гўрда чиқармиди», демоқчи бўлди-ю, гап таъсир қилмаслигини англаб тилини тия қолди. Бошқа гаплашишмади. Аҳмадни тер босди. Ўзидан ўзи ирганди. Бутун вужуди булғангандек, ҳатто томирларида иркит қон оқаётгандек эди.

У Дониёрнинг қайтишини кутмади.

Қизга хайр демади.

Қизҳам индамайқолди.

Хонасига кириб, душга тушди. Кўнгил хижиллиги ёзилмади. Баданида қитмир чумолилар галаси юргандай туюлаверди. Устидан атир қуйди. Бўлмади. Дониёрнинг ароғини олиб, ярмини устидан қуйди, қолган ярмини бир кўтаришда бўшатди. Ана шундан кейин сал ҳоври босилгандай бўлиб, каравотига чўзилди.

Курортга кела-келгунича ўйлаганига, сирли бир гирдобга тушишига бир баҳя қолган эди. Қўлини узатса -бас! Нимага узатмади? Ҳайиқдими? Йўқ. Аммо вужудида шундай ишларга йўл бермовчи ғойибона куч борлигини сезди. Ана шу куч бир имласа бағрига сингиб кетишга тайёр турган қизга қўл юборишдан тийди. Ҳатто қизнинг қўлини ҳам ушламаган бўлса-да, (балки бир стакандан ароқ ичганидандир) вужуди кирланиб кетгандек туюлди. Аҳмад ғойибона бу кучнинг оддийгина «поклик» деб аталишини билмасди.

Арақ таъсир қилди. Вужуди бўшашди. Соғинч ҳисси уйғонди. Болалари хаёлида бир-бир гавдаланди. Қайтиб борган маҳали улар билан кўришишнинг юз хил турини кўз олдига келтирарди. Дам катта қизининг пешонасидан ўпарди (ахир, у эсли қиз бўлиб қолган, отасидан уялади), дам кенжасини осмонга отади (аввал ўпармикин ё осмонга ирғитиб эркалармикин?), фақат хотини билан қандай кўришишни билмас эди(одамларнинг нигоҳи уларда бўлади-да!)

Eнди на хотини, на болалари кўришишни исташади... Аҳмад йиғлаб юборай деди.

Eшик шашт билан очилиб, Дониёрнинг пишиллаши эшитилди:
— Хол қўйибсиз-ку, акам, бизни шарманди қилибсиз! Унақа эмас-да, энди...

Аҳмад ётган жойидан жилмади. Ҳамхонасига қарамади. Унга ҳолатини тушунтира олмасди. Шу сабабли индамади. Эртасига ҳам, индинига ҳам чурқ этмади.

Дониёр бош врачни авраб, бўлак хонага чиқиб кетди. Аҳмад ёлғиз қолди...

Самолётда уйига қайта туриб, буларни яна бир карра мулоҳаза қилди, ўзини айблашга асос топмади.

Самолёт бир маромда гувиллайди. Аҳмаднинг икки ёнида икки жувон. (Худди атайин уюштирилгандай боришда ҳам, келишда ҳам жувонлар билан учяпти-я!) Бирининг икки яшар ўғилчаси хархашасини бас қилиб, ухлаб қолди. Жувон боласининг майин сочига юзини оҳиста қўйиб, мудраяпти. Тинимсиз сақич чайнаётган чап ёнидаги жувон эса китобдан бош кўтармайди. Аҳмад худди икки ёнида икки жувон эмас, икки соқчи ўтиргандай қимирлашга ҳам журъат этолмади, бошини ўриндиққа тираб, ўй суради:

«Аҳмад полвон, мазза қилиб хордиқ чиқардингми?»

«Узоққа бориш бизга тўғри келмас экан, раис бува, ичикиб қоларканман».

«Бе, ёш боламисан, ичикиб, давронинг келибди, ўйна, кул...»

«Кетаётганимда ҳам шундай девдингиз. Бола-чақани ташлаб...»

«Олиб кетгин эди».

«Шунга аклим етмабди. Роса ичим ачишди. Раис бува, бир нарсани хаёл қилдим ўша ерда».

«Нимани?»

«Қақраб ётган адирни оқсоқолларимиз обод қилиб беришди, сиз ҳовуз қазитдингиз. Қаранг: ғир-ғир шабада. Ўша ерни курорт қилсак-чи?»

«Колхознинг меҳмонхонасини айтяпсанми?»

«Биз далада ишлаганда хотин, бола-чақа ўша ерда яйраб дам олса. Оқсоқолларимиз чиқишса... Меҳмонингиз кунда келмайди. Меҳмон келгудай бўлса, четга чиқиб турамиз. Пастроққа бир бостирма қилиб, иккитагина сигир боқиб қўйсак, болаларга сут-қатиқ...»

«Илгари ҳам айтувдинг, яхши гап».

«Айтолмовдим, раис бува, ҳижолат бўлувдим. Бошқа одамдан эшитгандирсиз?»

Самолёт қалқиб, хаёли тўзиди. Чап томондаги жувоннинг кўзи китобда, ўнгдагиси мудраяпти...

* * *

Уйига пешинга яқин кириб келган бўлса, то оқшомга қадар йўқловчилардан бўшамади. Хотини билан уч-тўрт кўз уриштирди-ю, айбдор одамдай нигоҳини олиб қочаверди. Хотини билан ҳали сўрашгани йўқ. Ҳали кеч кирсин, болалар ухласин...

Катта отаси билан ҳам дурустроқ гаплашолмади. «Катта ота, уринмаяпсизми?» «Eсон-омон бориб келдингми?» - шундан нарига ўтишмади. Оқшомда дастурхон йиғилгач, жомадон очилди. Аҳмад иссиқ нимчани катта отасига узатди.
— Ўзинг кий, совуқда далада дайдийсан. Мен уйда ўтирадиган одамман.
— Олаверинг, катта ота, мозорбосди-да, курортдан совға.
— Совға дегин, нима, менга биров курортдан совға келтирмабдими? Ана, раисинг носқовоқ олиб келган. Сен кичиклигингда босиб синдиргансан. Аммо жуда боп носқовоқ эди.

Аҳмад кулиб, нимчани чолнинг тиззасига қўйди. У носқовоқ воқеасини биларди - раис айтган.
— Сен менга қара бола, курортда отангни суриштирмадингми?
— У ерда уруш бўлмаган, катта ота.
— Э, содда бола-э, суриштиравермайсанми, ошна-оғайниси чиқиб қолармиди...

Аҳмад бошини қуйи эгди. Ўнлаб курорт шаҳарлари борлигини, уларда одам қайнаб ётганини, қирқ беш йил илгари оддий бир деҳқоннинг келиб-кетиши уммонга томчи тушгандай бир гап эканини унга қандай тушунтирсин?

Матқобул бува неварасини койишга койиди-ю, уни ранжитганидан афсусланди. Нимчани олиб, дуо қилди-да, ўрнидан туриб, уйига кириб кетди. Ҳар куни ўрик остидаги сўрида ётарди. Бугун дим бўлса ҳам, уйига кирди.

Совғалардан бошлари кўкка етган болалари суюна-суюна бирин-кетин ухлашди.

Аҳмад чалқанча ётганича хотинига бир гап айтишни ўйлайди. Суйганига хиёнат қилмаган бўлса-да, ўзини айбдор ҳис қилади. Хотини ҳам индамайди. Назира бетайин бир гумон билан қолган эди. Шу гумон қозонида қоврилиб, бўладигани бўлди. Ҳар туни тушида эрини кўрарди. Ҳар сафар... биров билан... Ҳозир эрининг индамай ётишидан яна ташвишга тушди бирор суюқоёқ кўнглини ундан совутдими?.. Сўрай деса, тили бормайди.

Аҳмад хотинининг ёмон фикрда қолганини унутгани йўқ. Энди, поклигича қайтгач, шуни маълум қилиб қўйиши лозим эди. Дабдурустдан айтса, ишонмайдигина эмас, «нимага ўзини оқлаяпти», деб баттар шубҳаси ортади. Аҳмад кўп ўйлади, аммо айтиш йўлини тополмади...

...Ғалати туш кўрибди: раис унга ўдағайлаётганмиш: «Болаларни нимага чопиққа чиқардинг?! Ўзинг яйраб келдинг, болалар офтобда қовжираб юрсинми? Ҳовузни томошага қазитибманми, чиқар ҳаммасини даладан, мазза қилиб чўмилишсин...»

Аҳмад қараса, кичкина ҳовуз, ростмана денгиздай шовуллаётганмиш. Суви тип-тиниқ, офтоби йўлида ғуборлар йўқ эмиш...