OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

5 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифТоҳир Малик
Асар номиМаладец қизлар (ҳажвия)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Ҳажв
Муаллифлар
   - Тоҳир Малик
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳажвиялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм21KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/10/05
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Маладец қизлар (ҳажвия)
Тоҳир Малик

Фелъетон ёки ҳажв деб ўйламанг, мазкур баён ўзини Жулқунбойнинг ўртанча жияни деб ҳисобловчи, ёзғувчиликка ҳавасманд қўшним билан каминанинг чойхонадаги кундалик ғийбатларидан бир шингил халос.

Ҳой, болангдан айланай, ман на дейман-у қўбизим на дейди? Раҳматли отанг Абдумалик ака бунақа эмасди, мўмингина эди бечора. Ҳадеб нолийверасанми, номардгина! «Ёшлар унақа», дейсан - минғирлайсан, «қизлар бунақа», дейсан – войвойлайсан. Ҳамма даъволаринг бекор, ўзбекчасига айтганда «капейка»! Ёшларимиз меравой, қизларимиз маладес – шундан бошқа гап йўқ! Айбнинг додахўжаси ўзингда. Кеча чойхонада Солининг носидан отиб олгандан кейин нима дединг? «Уятсиз қизлар калта юбка кийяпти», дедингми? Аслида қизлар эмас, ўзинг уятсизсан. Ёшинг олтмишдан ошиб, сочингда битта ҳам қора тола қолмаган бўлса-ю яна қизларнинг юбкасига тикиласанми, кўзгинанг тешилмагур! Бунақа юриш сенга эмас, бўйдоқ йигитларга аталганига ақлгинанг етмайдими, галварс! Калта кўйлак кийган қизларни кўрмаган йигит никоҳ кечаси талвасага тушиб қолмасин, унгача кўзлари пишиб турсин, деган яхши ниятда сонларини кўрсатиб юришади.

Сен минғирласанг минғирлайвер, аммо мен маладес қизларимизга беш кетаман. Бизнинг қизлар ҳамма томондан маладес. Ғалвирда қайнатма шўрва пишириб берадиган қизларга қойил қолиш керакми ё йўқми? Шундай қизни келин қилган хонадон магазиндан туз сотиб олиш ташвишидан бутунлай қутулади-ю пешоналарининг шўрига бодринг тузлаб юраверади. Бозор иқтисоди деган замонда шунақа келинларнинг бозори чаққон бўлади. Узун кўйлак киядиган қизларнинг сепига ўнта кўйлак учун камида ўттиз қулоч мато сотиб оласанми? Калта кўйлакка бир қулоч олсанг, ўттизта кўйлакка етадими? Агар битта шим олиб берсанг, пенсага чиққунича кияди. Қойил қолиш керак, тиззалари-ю думба томонлари шилиниб, титилиб кетгунича кияверади. Шим тор келиб қолмасин, деб қоматини пенсага чиққунича бир хилда сақлайди. Кенг кўйлак киядиганларни қара-чи, битта туққанидан кейин семириб, эрининг қучоғига сиғмай қолади.

Ҳой довдир, сен билиб-билмай вайсайвермагин. Киндигини очиб қўйган бўлса нима қилибди? Бор экан-ки, кўз-кўз қилиб қўйибди, йўқ бўлса нимани кўрсатарди? Димоққинангга қурт тушгур, гапиришдан олдин ўйлаш керак. Маладес қизларимиз бир иш қиладиган бўлсалар, ўйлаб, фойдаси бўлсагина қиладилар. Сен киндикларини очиб юришларини гапираверсан, гапираверасан, «шамоллаб қолишади, бепушт бўлиб қолишади, фарзанд доғида ўтишади», деб ҳавотирланасан-а! Бу ёқда муҳимроқ масала турибди. Сен мендан «Нега киндикларини очиб юришади?» деб сўрагин, мен сабабини тушунтириб берай. Сўрадингми? Энди эшит: бола онанинг қорнида қандай овқатланади? Шу киндик орқалими? Ҳа, тузук, ҳеч бўлмаса шуни билар экансан. Маладес қизларимиз ҳам билишади. Нодон йигитлар эса билишмаса керак. Шулардан биттаси қизлардан «онангнинг қорнида қандай тирикчилик қилгансан?» деб сўраб қолса, узун кўйлакли қиз бечора нима қилсин, кўчанинг ўртасида этагини кўтариб кўрсатсинми? Шу саволни куёв бола тўй пайтида сўраб қолсами? Келинни кийинтирадиган янгалар шу нозик масалани ўйлашмаяпти. Келин бола тўйгача кўчада қандай юрган бўлса, тўйда ҳам киндигини очиб ўтириш шарт. Ақлли одам нозик саволга нозик имо билан жавоб қилиши керак.

Вой, дардингни олай! «Қизларнинг қулоғига гап кирмайди» дейсанми? Худо маладес қизларнинг қулоғини гап кириши учун яратганми? Қўйсанг-чи, бунақа тузсиз гапингдан кўнглим айнийдиган бўлиб қолибди. Маладес қизларнинг қулоғи гап учун эмас, тилла-ю жавоҳир зиракларни кўз-кўз қилиб тақиб юриш учун яратилган. Сен мард бўлгин-у маладес қизларга тан бергин. Олдинги хотинларда фаросат етишмасди. Эри эриб кетиб икки-уч жуфт зирак олиб берса, бир ҳафта биттасини, иккинчи ҳафта бошқасини тақиб юрарди. Маладес қизларимиз қулоқларининг уч-тўрт еридан тешдириб олишдими? Бирданига тўрт жуфт зирак тақиб юришса ёмонми? Зираги беш жуфт бўлса, ота гўри қозихонами? Минг марта қойилман, буринни тешиб, тақиб юришибди-ку? Танти бўлсанг, олиб беравер, ўн жуфт тилла зиракка ҳам жой топишади. Лабга тақиш мумкин, бетга тақса ҳам бўлади. Яна тили ҳам бор. «Тилга зирак тақиб бўлмайди», дейсанми? Овқат ея олмайдими? Йигитлигингда от минган эдинг-ку? Ем беришдан олдин отнинг оғзидан сувлиғини олиб қўярмидинг. Маладес қизлар ҳам тилларидан зиракларини олиб қўйиб, маишатларини қилаверадилар-да. Яна... айтсаммикин ё айтмасаммикин... Хуллас, бир-икки йилда маммаларини очиб юриш урф бўлса, ана унга ҳам балдоқ тақиш мумкин. Балдоқли мамма! Қари бўлсанг ҳам майли, бир тасаввур қилиб кўр-чи, этларинг жимирлашиб кетдими? Нима дединг, қайтар-чи? «Гап у қулоғидан кириб, бу қулоғидан чиқиб кетади» дейсанми? Ҳеч ундай эмас. Гап дегани маладес қизларнинг иккала қулоғидан кириб оғзидан чиқади. Шунинг учун ҳам гапга чечан бўлиб кетишяпти-да. Сен билан мен ёшлигимизда қизларга гап отсак нима бўларди, улар уялиб, ерга қарашарди, сен билан мен эсам кўкракни кериб тураверардик. Маладес қизларга гап отган йигитларга қарагин. Битта гапиради-ю мингта жавобдан гангиб, сичқоннинг инини минг тангага ижарага олиб қочворади. Менга битта олим одам айтди, маладес қизларимиз тил хазинамизни ҳам бойитиб ташлашибди. Гап отган йигитларга қараб «Ў ҳариф, қулоққа нега лағмон освотсан, дуҳинг етадими ўзи!» дейишларининг ўзиёқ бебаҳо экан. «Ҳариф»нинг ўрнига «козёл», «тўнка» «чучмек»... дейишса, бойлик устига бойлик-да! Эртага биттаси ўша «козёл»га, иккинчиси «чучмек»ка эрга тегса, у ёғини тўйдан кейин келишиб олаверишади. Мана шунақа қизлар келин бўлганида гап гапирган қайнонасини иягидан илгакка осиб қўя қолади. Бу ҳам кони фойда! Келинига кам гапирадиган қайнонанинг умри узоқ бўлишини дўхтирлар айтишган. Хўп, битта даъвоингга қўшилай: уларга гапириш керак, улар катталарнинг гапларини қулоққа олишлари шарт. Лекин бунинг учун Худодан сўрашимиз зарур, маладес қизларимизнинг пешонасигами ё бўшроқ бирон еригами яна битта қулоқ ишлаб берсин.

Юзларига упа чаплашларини айтяпсанми? Буни гапирмасанг ҳам бўларди. Бу ҳам сиёсий, ҳам халқаро масала. Фарангистондами ё Хитойдами ишлаб чиқарилаётган сифатсиз упалар-у лаббўёқларни бизнинг маладес қизлар сотиб олиб, чаплашмаса ким сотиб олади? У ёқдаги фабриклар тўхтаб қолса, ишсиз кўпайса, бизга иснод эмасми? Уларнинг олдида уялиб қолмаслигимиз учун бўёқларни икки ҳисса кўпайтириб чаплаш керак. Нима дейсан? Ҳа... тўғри айтасан, шунақа чатоқ томони ҳам бор... Кечқурун афтидаги бўёқларни ювиб ташласа, арвоҳбашарани кўрган эр қўрқувдан жинни бўлиб қолиши ҳам мумкин. Шунинг учун бўянадиган қиз-жувонларнинг юзларини ювишни таъқиқлайдиган қонун қабул қилиш керак. Яна нима деяпсан? Қўй, энди бу ёғига ўтма. Эр жонивор хотинининг юзидан ўпмаса, ўпмабди. Озгина қийналади-ю, кейин кўникиб кетади. Нима? Э, йўқ, «хотинни юзидан ўпмасин», деган қонун чиқариб бўлмайди. Орада шайтон бор, қонунни бузиб қўйса, эр балога қолади. Бу иҳтиёрий масала!

Маладес қизларнинг чекишларига осилаверма, сен бола! Оврупода чекишга қарши кураш кучайиб, ҳамма чекишни ташлаётганда сигарет саноати нима қилсин? Тарозининг бир палласи бўшаса, иккинчи палласи босиб туради. Шунақа бўлгандан кейин чекадиган қизларга балли, деявергин.

Кўзларингга беш кетдим! Маладес қизларнинг билагидаги аждар суратини ҳам кўрибсанда, а? Ваққос ака пошистни инига кирғизвориб, урушдан қайтганида бармоқларидаги «Ваня» деган сўзни ҳам биринчи бўлиб ўзинг ўқиган эдинг. Билагига аждар суратини солишса, маладес қизларимизни айблама. Бутун дунё қизлари билаги-ю бошқа жойларига аждар суратини солиб юрганида, бизникилар қурбақаникини солдиришсинми? Шу масалага келганда эсинг пастлиги сезилиб қолади. Ўйлаб қарагин: бир билагига аждар, иккинчисига бўғма илон суратини туширган қизни тўхтатиб, гап отишга юраги бетлайдиган ўғил бола борми биз томонларда? Яна ўйлагин: келинсаломдан кейин маладес келинимиз қўлига супурги олганида билаклари очилиб, қайнонанинг кўзлари аждар суратига тушиб қолса... Супургини келинпошшанинг қўлларидан олиб, хизмат қилишни бошлаб юборганини қайнонанинг ўзи ҳам сезмай қолар? Билагидаги аждар ўт пуркаб турганда қайси эр хотинига бир нима дейишга журъат этади? Билакда аждар борми, демак, оилада қайнона-келин жанжали йўқ, эр-хотин машмашаси йўқ. Оиланинг ҳотиржамлиги учун яна нима керак? Менга қолса «Ҳамма хотинларнинг билагида аждар сурати бўлсин», деб қонун чиқариб қўярдим. Тўхта, сен ҳовлиқма, кампирингнинг бужмайган билагига юзта аждарнинг суратини туширсанг ҳам, энди фойдаси йўқ. Вақт ўтган...

Йигит билан қизнинг куппа-кундузи, ҳамманинг кўз олида ачомлашиб юришларидан ғашинг келдими? Қариганингда яхши билан ёмоннинг фарқига боролмай қолибсан. Қоронғида, пана-панада висир-висир қилиб ўтиргандан кўра, шундай юргани минг марта яхши-ку! Эҳтимол кўчада биронта таниши ё қўшниси кўриб қолар. Қувониб кетганидан қизнинг уйига суюнчига югурар. «Қизингиз суқсурдек йигитни бўйнидан боғлаб, кўчада ит етаклагандек етаклаб юрибди», деса отасининг қанчалик фахрланишини ҳисобга олмайсанми?

Сочларини бўяшларини умуман тилга олма. Эрнинг шуҳрати нима билан ошади? Кўп хотин олиш билан. Кимнинг хотини кўп бўлса, ўшанинг чойхонадаги мартабаси ҳам баланд. Ҳозирги йигитлар битта хотинга қаноат қилишяптими? Унда обрў, шон-шуҳрат нима бўлади? «Эрни эр қиладиган ҳам, ер қиладиган ҳам хотинми?» Эрга тегаётган қиз соч бўяшни ўрнига қўйса, бас, куёв боланинг бахти чопибди, деявер. Бунақа хотин бир ҳафта давомида қоп-қора сочда юрадими? Иккинчи ҳафта қарасанг, бахти чопган эр сариқ сочли жонон билан кетяпти. Кейинги ойда қизил сочли. Ия, бу лочиннинг учта хотини бор экан, деб ўйлаб тан берасанми?

Сенинг бир янгиликдан хабаринг йўқ. Агар болалигингда жуғрофия ўқиган бўлсанг, ер юзида Африқо деган қитъа борлигини биларсан. Худо қора-қура бандаларининг ҳаммасини шу ёққа ташлаган. Осмондан ерга тушаётганида ярмидан кўпининг кийими булутларга илашиб қолгани учун ерга яланғоч тушиб, шундайлигича қолган. Оврупода гўзаллар кўриги бўлишини эшитгандирсан. Ўша Африқода яланғочларнинг дунё кўриги бўлди. Бизнинг маладес қизлардан иккитаси ҳам бориб қолган экан. Уларнинг юриш-туришини кўриб, яланғочларнинг ҳаммаси уятдан қочиб қолишибди. Бунга ҳам қойил эмасмисан? Ҳа, қариганингда ичи қора бир маҳлуққа айланибсан.

«Ўзинг ҳам қизларга кўп қарайдиган бўлиб қоляпсан», дедингми? Ҳа, қарайман-да. Лекин сенга ўхшаб суқланиб тикилмайман. Менинг қарашим – илмий қараш. Биласанми, Худо одамни тупроқдан яратган-а? Хотинларни-чи, нимадан яратган? Билмасанг, билиб ол: хотинларни эрларнинг чап қовурғасидан ясаган. Ишонмасанг, кўкрагингни очиб чап қовурғангни сана, битта кам бўлмаса башарамга тупур! Маладес қизларга қарашимнинг сабаби ҳам шунда: «буларнинг қайси бири менинг қовурғамдан яралган экан?» деб қарайман. Худога шукур, буларнинг орасида менинг қовурғамдан яралгани йўқ. Воҳ! Бу гапинг тентакона бўлди-ку! Қайтар-чи! «Бу қизлар одамнинг эмас, бирон уятсиз ёввойи маҳлуқнинг қовурғасидан бўлган» дедингми, а? Бу гапни менга айтдинг, бошқа ерда лақиллаб юрма-я! Ёввойи маҳлуқлар устингдан Худога арз қилса, балога қоласан.

Кел, қўй, бугун иккаламиз ҳам жуда-а, айнидик. Гапдан кўра, атрофга маза қилиб қарайлик, кўзларимиз завқ олсин. Ана, анави қизни кўряпсанми... фақат киндигига қарама, гуноҳга ботасан. Нега кўзингни юмиб олдинг, дунёнинг лаззатини билмайдиган ғирт аҳмоқ экансан-ку, а?

ЖЎРЖ тоғамизнинг хангомаларига бир сўз қўшишга ҳам, ёинки олиб ташлашга ҳам ҳаққимиз йўқ. Нима деган бўлсалар, қоғозга беками-кўст тушди. Лаънат тошини отмоқликни истаган қизлар ЖЎРЖ тоғамизни бораверишда ўнг томондаги чойхонанинг бир оёғи синган сўрисидан топадилар. Хангомага жиндеккина изоҳ лозимга ўхшаб қолди: Ўрислардаги «Маладес»сўзи бизда «мард»ни англатади, ўзбекчасига «ўғил бола» ёки «ер йигит» дегани. Чойхонадаги ҳангомани айнан қоғозга туширганимиз сабабли «маладес қиз»ни ҳам ўзича олавердик, деб имзо чекавердим.: