OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифТоҳир Малик
Асар номиМеҳмондўстлик (ҳажвия)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Ҳажв
Муаллифлар
   - Тоҳир Малик
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳажвиялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм9KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/10/05
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Меҳмондўстлик (ҳажвия)
Тоҳир Малик

«
Юз грамм лофга тўйдириб олинган ҳангома
»

Баллиқул Йўққулободда кичик корхона очаётганида яхши ният билан «Меҳмондўст» деб ном берган эди. Ўшанда фаришталар «омийн!» деган эканми, Худога шукур, ишхонасидан меҳмонларнинг оёғи узилмайди. Меҳмондўстлик яхши-да, ҳар қандай муаммо дастурхон устида бир дақиқада ҳал бўлади. Мана, энг аввалида, меъморлар идорасида битадиган ишда чизмаларга тушуниши қийин бўлувди, меъмор йигит: «Ҳозир вақтим йўқ, кечқурун уйга келинг, тушунтириб бераман»,-деб қолди. У айтгандай қилиб, оқшом чоғи уйига бозор орқали ўтиб борган эди, масала ярим дақиқадаёқ ҳал бўлди. «Меҳмондўст» деган номни ҳам ўша барака топгур қўйиб берганди.

Баллиқул қўли ширин пазанда бўлгани учун унинг датурхонидан бир чўқим ош еган одам яна келаверади. Корхонасида меъмор боланинг таклифи билан алоҳида меҳмонхона ҳам қурган. Эрталаб бозорга кириб қаймоғу сомса деганларидай майда-чуйда олиб дастурхонни безаб қўйди. Нонуштага солиқчи йигитнинг кириб туриш одати бор. Болаликда сигир эмиб катта бўлганми, қаймоққа жуда-а ишқибозда. «Бир коса қаймоққа битта иссиқ нонни тўғраб есам, кун бўйи одамга ўхшаб юраман», дейди бояқиш. Аммо анча ориятли бола, кунда келиб безор қилмайди. Ҳафтада келса беш марта келар, ортиқ келмайди. Баллиқул унга шунчалик ўрганиб қолганки, ҳафтасига уч марта келса, бир нарсасини йўқотиб қўйган одамдай гангиб қолади. Баъзан пешин пайти икки-уч оғайнисини бошлаб келса, Баллиқулнинг боши осмонга етади. Меҳмон - атойи Худо-да! Кўнглини яқин олибди-ки, ошналарини бошлаб келибди. Ана, йўлнинг четидаги фирма хўжайини меҳмондан безор. Аммо Худонинг берган куни бир текширувчи келиб, эсини тескари қилиб кетади. Баллиқулникига текширувчи келмайди. Меҳмон келади. Мана, бугун эрталабдан қадрдон азиз меҳмони келиб қаймоқхўрлик қилиб кетди. Қаймоқхўрликдан кейин кун бўйи одамга ўхшаб юрганининг савоби Баллиқулга тегмай кимга тегсин! Кўп меҳнаткаш-да, шу бола. Бир дақиқа бўш вақти йўқ. Бугун қайнонасининг туғилган куни экан, совға-саломга тушишга ҳам вақти йўқ, бечоранинг. Баллиқулнинг раҳми келиб, оқшомга бир қулинг ўргилсин совға тайёрлаб қўйишга ваъда берди. Бу ҳам бир савоб-да! Хаёлига «Ўтган ой ҳам қайнонасининг туғилган куни эди-ку?»- деган фикр келди-ю, лекин «Хотини иккита бўлса, қайнонаси ҳам иккита бўлади-да», деган фикрда майдалашмай қўя қолди.

Солиқчи йигитни кузатганидан кейин ўт ўчирувчи идоранинг вакили келди. Булар ҳам ғамхўр бўлишади-да, ўт тушганда келишларидан нима фойда? Сомса совумаган эди, нонушта қила туриб ёнғиннинг олдини олиш чораларини гапириб берди. У кетганидан кейин «санепидстантсия» деган идоранинг одами келди. Меҳмонлар орасида Баллиқул шу йигитга беш кетади. Бурнини рўмолчасига ҳар артгандан кейин эринмай ўрнидан туриб, қўлини совун билан ювади. Баллиқул уни алоҳида меҳр билан кутади. Алоҳида пиёла, алоҳида ликопча, тилла ҳалли қошиқ... Шунақа озода йигитлар келиб турса, ҳар қанақа корхона ҳам ўз-ўзидан озода бўлади-да! Баллиқулнинг бу йигитга меҳри баланд бўлганидан кузатаётганида чўнтагига «совун пули» деб озгина атаганини солиб қўяди. Бунақа озода йигитларни қўллаб туриш савоб-да. Ахир бунақа қўл ювишида маоши фақат совунга кетиб қолади-ку!

Озода йигитни энди кузатган эди, прокурор йигит кириб келди. Жуда адолатли йигит шу бола. Атай текширгани ёки бир нима таъма қилгани келмайди. Шу кўчага йўли тушиб қолса, «Баллиқул акамни бир кўриб кетай», деган илинжда киради. Аммо кўп ўтирмайди. Баллиқул унинг бир соатдан ортиқ ўтирганини ҳечам эслолмайди. Ҳар гулнинг ҳиди бўлак, деганларидай, бу меҳмоннинг ҳам ўзига яраша иззат-нафси бор. Ота-бобоси ё чўпон ўтган ё қассоб. Қази-қартанинг ҳурматини жуда-а ўрнига қўяди. Ёзнинг жазирамасида ҳам юзта-юзта конъяк қази-қарта билан ачомлаши-иб кириб борса, ошқозон нима десин? Ошқозон чидагач, Баллиқул нима десин? Прокурор боланинг учта хотини борлигини эшитгани учун, бу қази-қарталарнинг кучи қаёққа кетади, деб қизиқмайди.

Прокурор боладан кейин келган ҳокимият вакилининг иши осон. Баллиқул уни «арзон меҳмон», дейди. Чой ичмайди, ош емайди, қаҳва ичади. Унга аталган «Паҳлава» деган ширинликми ё «Наполеон» деган тортми - ҳамиша тайёр. Битта чатоқ томони - унинг тоғалари кўп. Ҳар бири туғилган кунини нишонлайвериб, бола пақирни қийнаб юборади. Баллиқул меҳрибон эмасми, индамай қараб турмайди.

Кун шундай азиз меҳмонларни кутиш билан ўтиб, энди дастурхонни йиғиштираман, деб турганида бир нотаниш йигит кириб келди. Билса, у мухбир экан. Корхонанинг довруғини эшитиб, мақтаб ёзгани келибди. Баллиқул бундан қувонди. Аммо «корхонангиз қандай маҳсулот чиқаради?» деб сўраганида ўйланиб қолди. Очиғи, меҳмонхонадан ташқарига чиқмаганига кўп бўлибди. Корхонасининг «Меҳмондўст» деб аталишини аниқ билади-ю, бироқ маҳсулотини унутибди. Баллиқул керакли маълумотларни эртага тайёрлаб қўйишга ваъда қилиб, мухбир боланинг холаси туққан экан, суюнчисига совға-салом қилиб берди.

Баллиқул бугун чарчамади. Фақат бир нарсадан кўнгли хижил қолди. Уч кундан бери божхонадаги биродарлари йўқламай қўйишди. Тинчликмикин?