OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

4 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифТоҳир Малик
Асар номиМеҳр манзаралари (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Тоҳир Малик
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм17KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/07/12
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Меҳр манзаралари (ҳикоя)
Тоҳир Малик

Арқон узилди

Баҳор... Ёноқларни майин шабада силайди. Дарахтларнинг ёш сурхлари қийғос гуллар ичида - оқ зарга ботириб олингандай...

Ҳув анави дўнгликдаги майсазорга бир қўй билан эчки боғлаб қўйилибди. Эчкининг икки улоқчаси дикир-дикир сакрайди. Қўйнинг ҳам қўзичаси бор. Улоқчалар билан яйраб, югуришиб юрибди. Шунчаям дўмбоқки... Сакрашганини, яйрашганини кўриб, улар билан бирга ўйнагиси келади кишининг... Бир маҳал нимаям бўлди-ю, ўйнашибми ё талашибми, қўзичоқ улоқча билан калла қўйиша кетди. Она қўй «бўлди, шўхлик қилма», дегандай маъраб қўйди. Қўзичоқ эса парво қилмади. Она эчки ҳам майсадан бошини кўтармай ме-мелади. Болачалар яна ҳазилларини қўйишмади. Шунда қўй чўзиб маъради. Боласига интилди. Лекин бўйнида арқон -қўймас эди. Қўзичоқни икки улоқ ўртага олиб, гоҳ униси, гоҳ буниси туртар, уни ранжитарди. Она қўй чидаб туролмади. У ер депсиниб боласини «одобсизлар» озоридан қутқаришга интилди...

Улоқчанинг бири кўзичоқнинг биқинига беҳосдан калла урди. Қўзичоқ «онажон, қутқаринг!» дегандек қаттиқ маъраб юборди. Шунда қўй арқонни яна зарб билан силтади...

Она меҳри арқонни узди...

Бувижоним

—Кенжа набиралари сиз эмасмисиз?-деб сўради ҳамшира Сарварнинг қўлидаги тугунчани ола туриб.
—Ҳа, мен...-деди Сарвар бу саволдан таажжубланганини яширмай.
—Унда бир оз кутиб туринг.

У шундай деди-да, илдам юриб, юқори қаватга кўтарилди. Ҳамширанинг бу буйруғи Сарварнинг кўнглига ғашлик солди. Ҳар хил хаёлларга бориб, беморлар рўйхатидан бувисининг номини излай бошлади. Рўйхатдаги белгига қараганда бувисининг иситмаси тушибди, аҳволи бир мунча яхшиланибди. Бундан кўнгли таскин топган бўлса-да, ҳамшира чиққунича диққат бўлиб кетди. Ниҳоят зинада ҳамшира кўринди. Худди Сарварга кутиб туришни буюрмагандай бамайлихотир тушиб келди. Бу ҳам етмагандай Сарварга қараб кулимсираб қўйди. Йигитчага яқин келгач, бир парча қоғоз узатди.
—Бувингиз бериб юбордилар. Кеча сизни менга тасвирлаб бериб, келса кетиб қолмасин, деганидилар.

Сарвар «шу гапни аввалроқ айтсангиз бўлмасмиди!» дегиси келди-ю, ортиқча гапдан ўзини тийиб, қоғозни шошилиб очди. Бувисининг ўша равон-равон таниш ҳарфлари:

«Жоним болам. Буни қара-я, бугун сенинг туғилган кунинг-у, мен бўлсам, хотиржам шифохонада ётибман. Хафа бўлмайсанда, а? Совға ҳам қилолмадим... Агар уйда бўлганимда тандирда мазали қовоқ сомса, пиёзли нон ёпиб берардим. Эсингдами, болалигингда мен тандирга ўт ёқсам жуда-жуда қувониб кетардинг. Ойинг сомсани менчалик ёполмайди, тўғрими? Ҳозир ҳам шу одатинг бор... Энди тақдир, кексалик экан, бу ерда ётибман. Тойчоғим, туғилган кунинг муборак бўлсин! Бахтимизга илоҳим ўз паноҳида асрасин сени!

Дуо билан: бувинг.

Ҳа, айтмоқчи, ойингларга тайинлаб қўй: ертўладаги қовоқни ишлатмай турсин. Ўзим чиқай, яхшилаб сомса ёпамиз...»

Хатни ўқиётганида томоғига нимадир тиқилгандай бўлди. Ёшлигида бувисининг ҳар хил ширинликларни енгларининг учига яшириб, «акаларинг кўришмасин», деб беркитиб беришлари, дадасидан сўкиш эшитганда эса, бошини силаб, эркалаб уйига олиб кириб кетишлари, насиҳат қилишлари кўз олдига келди. Ўзини тутишга ҳарчанд уринмасин, барибир кўзига ёш келаверди.

«Бувижоним! Ахир бужмайиб қолган қадоқ қўларингиз билан бошимни силашингиз, юзимни меҳр тўла сийнангизга қўйиб тин олишим, оппоқ сочингиздан ўпиб, кўзимга суртишимнинг ўзи менга катта совға эмасми!!» деган хитоб юрагини ларзага келтирди. Ҳамширанинг ҳай-ҳайлашига қарамай, қозиқда илиғлик турган оқ халатлардан бирини олиб, елкасига ташлади-ю, юқорига югурди.

Бувижонининг кўксига бошини қўйди.

Ўгай она

—Ўқимас эмишман,-деди Оқил яна ўжарлик билан.
—Ахир ким сенга шундай деди, бизга айтгин,-куюнди директор.
—Менга барибир энди... Ҳеч кимнинг ёрдами керакмас. Агар ўзимнинг ойим бўлганларида...

Оқилнинг лаблари титради, кўзлари ёшланди. Бурнини тортиб қўйди-да, ўзин тутиб олиш учун шифтга қаради. Директор гап нимада эканини тахминан англади. Бирон хулосага келиш учун бу тахмин етарли эмасди, шу сабабли боладан яна сўради:
—Оқилжон ўғлим, ўжарлик қилма. Уйингда нима гап бўлганини менга очиқ айтавер. Биз сени хафақилдирибқўймаймиз.

Оқил директорга «рост айтяпсизми?» дегандай бир қараб олди-да, нигоҳини деразага қадаб гап бошлади:
—Ўзим эшитдим,-деди у яна бурнини тортиб қўйиб.-Анави... янги ойим дадамга «ўғлингиз катта йигит бўлиб қолди-я, энди ёнингизга олсангиз ҳам бўлади»,-деди. Тағин мен уни...

Оқил гапини тугата олмади. Эшик очилиб, бир ёшлар чамасидаги ширингина болани кўтариб олган кўҳликкина жувон кириб келди.
—Мумкинми, вой хайриятей!-деди у остона ҳатлаб ичкарига киргач.- «Оқилжонни мактабларига чақириб олиб кетишди», дейишса, нима гап экан, деб жонимни ҳовучлаб югуриб келаверибман. Тинчликми ўзи?

Жувоннинг саломлашишни ҳам унутиб кириб келиши унинг ғоят ҳавотирда эканидан дарак бериб турарди. Директор буни тушунди. Унинг ким эканлигини ҳам ҳаяжонли сўзларидан англади. Шу сабабли гапни айлантирмай муддаога ўтишни маъқул кўрди.
—Тинчлик,-деди у ҳотиржам оҳангда сўнг болага юзланди:-Оқилжон ўғлим, сен ташқарига чиқиб тур-чи.

Оқил қовоғини уйганича «хўп», деди. Чиқаётганида аёлнинг қўлидаги бола «атта!» деб унга осилди...

Директор Оқилнинг бир неча кундан бери мактабга келмаётганини, бугун дарсдан кейин уйидан топтириб чақиртириб келганини ва ниҳоят, боланинг охирги гапларини айтиб берди.

Аёл кўйлагининг енги билан кўз ёшларини артиб, пиқ-пиқ йиғлади. Кейин «Вой, гапирмайгина мен ўлайин», деди-да, ташқарига чиқиб Оқилни олиб кирди.
—Вой гапирмайгина мен ўлайин, болажоним. Мен сени катта бўлиб қолганингни айтиб эркалатмоқчийдим-а! Сен ўқиб олим бўлсанг, уканг ҳам изингдан боради, деб доим дуо қиламан-ку? Гапга нўноқ онангни кечир, болажоним...-Аёл шу гапларни такрор-такрор айтиб Оқилни қучоқлаб олганича юз-кўзларидан ўпаверди...

Оқилнинг қўлидаги укаси бу ҳолатдан ажабланиб ҳайрон бўлб турди Аввалига сал қўрқди ҳам. Кейин бир акасини, бир онасини ўпа кетди...

Кўзлари очикеди

Бўйнига чекич урилгандай «чўтир» бўлиб қолган мусича қаердандир овқат топиб, инига учиб келди. У ҳар галгидек болаларининг инларидан бош чиқаришиб, оғизларини катта-катта очиб, чийиллашларини кутган эди. Бироқ, инда болалари кўринмади. Онанинг кўзлари олазарак бўлди. Ўзини ҳар томон уриб, жигаргўшларини ахтарди. Топди! Ҳали парвозга яхши шайланмаган жажжи мусичалар шўхлик қилиб пастга тушишган экан. Улар ҳовли рўясида бир-бирлари билан қувалашиб, бамайлихотир ўйнаб юришарди. Она мусича уларни кўриб қувонгандай бир-икки қанот қоқиб қўйди. Пастак бир шохга қўниб, бўйнини хиёл қийшайтириб, уларнинг ўйинини кузатди...

Бирдан она безовталанди. Болаларининг олдига тушиб, қанотини патиллата кетди: у бурчакда пусиб ётган мушукни кўриб қолган эди. Мушук мусичанинг пайқаб қолганини сезиб, ўлжасига сапчиди. Кушчалар қанот қоқишиб пана томонга ўтишди. Лекин юқорига, бехавотир инларига учиб чиқишга қанотлари заифлик қилди. Мушук қушчаларни қува бошлади. Улар қанча уринишмасин, қанот қоқишмасин юқорига кўтарилишга қурбилари етмасди. Оналари атрофида айланишдан ўзга чоралари йўқ эди.

Она безовта. Она иложсиз! Болалари учолмайди... Шунда у аллақандай овоз чиқариб юқорига кўтарилди-ю, сўнг бирдан қанотлари сингандай ерга гуп этиб тушди. У «синиқ» қанотларини ерга шап-шап урганча парвозга урингандай бўлиб мушукнинг атрофида айлана бошлади. Мушук қушчаларни қувиб юришдан кўра тайёр турган ўлжани ейишни маъқул кўриб, уни таппа босди.

Мусича эса ҳамон қанотларини патиллатади. Ғалати овоз билан фарёд чекиб, болаларини учишга ундайди...

Мушук унинг ҳиқилдоғини тишлаб, чеккага судради. Онанинг сўниқ кўзлари ярим очиқ: «болаларим қочдими?» дегандай уларни излайди. Қанотларини аҳён-аҳёнда мажолсиз силкитади. Гўй очқаб қолган болалари олдига учиб бориб, ҳозиргина топиб келган овқатини бермоқчи бўлади...

Пастак бутоққа учиб чиқиб қўниб олган мусичалар эса қўрқувдан дир-дир титрашади...

Ёввойи мушук

Яна ўша ёввойи мушук пайдо бўлди. Авваллари одам шарпасини эшитиб, жунини ҳурпайтирганича бақрайиб турадиган, кейин қочиб қоладиган мушук негадир олдимизда бемалол юришга одатланди. Бу жуда қизиқ ҳодиса эди. Мушукнинг сирини билишга ошиқдим. Унга бир бўлак гўшт ташладим. У сахийлигимга ишонқирамагандай бир менга, бир гўштга қараб қўйди. Кейин чаққонлик билан гўштни тишлаб олиб, уйдан чиқиб кетди. Ҳар гал емиш топса емай, олиб чиқиб кетиши ҳам ажабланарли ҳол эди. Мушукнинг изидан чиқдим. У ҳовли бурчагидаги ўтин турадиган бостирмага кириб кетди. Чўчитиб юбормаслик учун тирқишдан мўраладим: мушук чалқанча ётиб олган, тўрт мушукча эса уни эмарди... Мушукнинг бирдан кўринмай қолгани-ю, кейин бегонасирамай қўйгани сабабини энди англадим.

«Битта боласини жиянларимга олиб берсаммикин?» деган фикрда эшикни очиб, ичкари кирдим. Мушук сапчиб ўрнидан турди. Жунини ҳурпайтирди. Кўзлари ёнди. Хунук овоз чиқарди. Яна бир қадам қўйсам менга ташланиши турган гап эди. Бундай ҳолатда у ўзини боқаётган одамни ҳам танишни истамасди. Чунки ёнида ўз жонидан ҳам азиз бўлган болалари бор эди!

Изимга қайтдим. Шу-шу мушук мени кўрса бостирма томон қочадиган бўлиб қолди. Мушукнинг болалаганини эшитган жиянларим бугун унинг бостирмадан нари кетишини пойлаб туриб, оладан келган чиройли боласини олиб чиқишибди.

Қош қорайганда мушук бостирмадан ўкдай отилиб чиқди. Ниманидир ахтара бошлади. Кейин эшигимиз тагига келиб, мендан ҳам ҳайиқмай зорланиб, чўзиб-чўзиб миёвлай бошлади. Эшикни очдим. У уйга отилиб кирди. Дам ўтмай боласини тишлаб олиб чиқди. Бостирма томон кетди.

Мушук бизга ўрганиб қолган бўлса ҳам болаларини ишонмас эди...