OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

4 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифТоҳир Малик
Асар номиМурдалар гапирмайдилар (I- қисм)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Тоҳир Малик
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Қиссалар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм348KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2011/07/29
Манбаhttp://forum.ziyouz.com/ind...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Мурдалар гапирмайдилар (I- қисм)
Тоҳир Малик

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

«
...Ана ўшалар ҳидоятга залолатни сотиб олгандирлар. Ва тижоратлари фойда келтирмади ҳамда ҳидоят топганлардан бўлмадилар. Улар мисоли бир ўт (машъала) ёқувчига ўхшайдилар. Олов энди атрофини ёритганида Оллоҳ ёруғликни кетказиб, уларни ҳеч нарсани кўрмайдиган ҳолда зулматларда қолдиради. Улар кар, соқов ва кўрдирлар. Бас, улар ҳидоятга қайтмаслар...
Бақара сураси, 16—18-оятлар
»

Муаллифдан

Бутун оламлар Парвардигори Оллоҳга беҳад ҳамд бўлсин ва пайғамбарларнинг охиргиси — саййидимиз Муҳаммад алайҳиссаломга саловот ва саломлар бўлсин.

Албатта, ҳамд Оллоҳга хосдир. Биз унга ҳамд айтамиз, Ундан ёрдам сўраймиз. Ва Оллоҳдан нафсимизнинг ёмонликларидан паноҳ беришини сўраб илтижо қилурмиз. Кимни Оллоҳ ҳидоят қилса, уни адаштирувчи йўқ. Кимни Оллоҳ адаштирса, уни ҳидоят қилгувчи йўқдур.

Энг улуғ сўзлару энг билимли суҳбатлар ҳам шубҳасиз, Тангри-таолога шукримизни керагича ифода эта олмайди.

Яратган Роббимизга шукрлар бўлсинким, сиз — азиз нафис адабиёт муҳиблари билан яна диллашиш насиб этяпти. Бу сафар ҳам адашган бандалар ҳаётидан аянчли лавҳани баён этишни ният қилдим. Чунки бу синовли дунёда адашган бандалар кўп. Улуғ ва қудратли Роббимиз марҳамат қилиб дерки: «Одамларга аёллардан, болалардан, тўп-тўп тилло ва кумушдан, гўзал отлардан, чорвадан, экин-тикиндан иборат шаҳватларнинг муҳаббати зийнатланди. Улар дунё ҳаётининг матоҳидир. Оллоҳнинг ҳузурида эса ҳуснли қайтар жой бор». (Оли Имрон сураси, 14-оят).

Тафсирчи уламоларнинг фикрича, «Шаҳват» сўзи урфда жинсга оид маънода ишлатилса-да, аслида ўзаги «иштаҳа» сўзидан олинган бўлиб, кўнгил тусаши, хоҳлашини билдирар экан. Шунга кўра, ояти каримада инсоннинг аёлларга, фарзандларга, бойликка иштаҳаси мавжудлиги, яъни шу нарсаларга муҳаббати чиройли тарзда зийнатлангани таъкид этилмоқда. «Демак, бу муҳаббат инсоннинг асл табиатида бор экан. Бундай ҳолатнинг бўлиши табиий бир ҳол экан. Модомики, ушбу рағбатлар инсон табиатида бор экан, Оллоҳнинг ўзи инсонни шундай яратган экан, бу нарсалар инсон ҳаётини муҳофаза қилишда, унинг гўзал ва завқли кечишида хизмат қилмоғи лозим. Шунинг учун Ислом дини мазкур нарсаларни харом қилган эмас, балки мубоҳ қилган. Бу нарсаларни манъ қилишни эмас, тартибга солишни йўлга қўйган. Ислом кишиларни тарбия қилиб, шаҳват дарёсида ҳалок бўлмасликка чақиради. Инсон мазкур шаҳватларнинг қули бўлиб қолмаслиги керак. Балки уларнинг ҳожаси бўлиб, ўз тасарруфига олиши даркор.»1 Ояти карима «Оллоҳнинг ҳузурида эса ҳуснли қайтар жой бор», деб якунланади. Бу жой — жаннати наимдир!

Мозийда ўтган валилардан бири «Дунё — ўткинчи меҳмонхонадир. Дунёдаги энг улуғ бойлик — дунёга, берилмасликдир. Дунёни афзал билган киши зиллатга, хорликка ҳукм этилиб, ҳалок бўлур», деган экан. Яна ровийлар дерларки: дунё ясатилган келинчакка ўхшайдир. Кўзлар унга термулган, қалблар унга муштоқ, нафслар эса унга ошиқдур. У маккор эса, барча ошиқларни шафқатсиз ҳолда бирма-бир ҳалок қиладир. Ўаётдаги тириклар ўлганлардан, кейингилар олдингилардан ибрат олмаслар...

Ҳисоб-китоб қилинмасдан бурун нафсини тийган киши ютади. Нафси билан Ғафлатда қолган эса, зарарга учрайди.

ғафлатда қолиб надомат чекканлар қанча?

Қабристон бизга сукунат олами бўлиб кўринади. Аслида оҳу-фарёдлар ўлкасидир! Биз бу фарёдларни эшитмаймиз, билмаймиз. Шу боис биз маййитларнинг кечмишидан ибрат олмаймиз. Агар тинглай олганимизда эди...

«Мурдалар гапирмайдилар», деймиз. Бизга шундай туюлар? Балки улар гапирарлар, биз эшитмасмиз? Эшитсакми эди...

Муқаддима

Нафисани қарғадилар:
— Ўйнаши билан ётган экан, шарманда!

...шарманда... шарманда...
— Сўйиб ўлдирибди. Худонинг ўзи жазолабди!

...ўзи жазолабди... жазолабди...

Нафисага ачиндилар:
— Тирноққа зор ўтди, бечора...

...бечора... бечора...

Санжарни лаънатладилар:
— Суюқоёққа илакишиб юрган экан, йигит ўлгур!

...йигит ўлгур... йигит ўлгур...
— Тўрт боласи кўзига кўринмабди-да, ҳаромхўрга!

... ҳаромхўрга... ҳаромхўрга...

Санжарга ачиндилар:
— Қўй оғзидан чўп олмаган бола эди, бечора!

...бечора... бечора...
— Ўзи покиза эди, шайтон йўлдан урган!

...покиза эди... шайтон йўлдан урмаган... урмаган...

Икки мурда ўликхонада текширувчиларнинг ўткир тиғини кутиб ётибди. Ҳадемай ўткир тиғ уларнинг қорни, кўкраги, бошини ёради. Ўлик ҳужайраларда яширинган ҳақиқатни ўқимоқчи бўлгандай титкилашади. Сўнг, ёрилган ерларини тикиб, мурдаларни эгаларига берадилар.

Нима учун ўлим топганларидан бехабар қолган икки одам эса, қиёматни кутиб ётмоғи учун қоронғу лаҳадга қўйилади.

Сўнг пичир-пичирлар:

«Хотинларга аралашадиган одати йўқ эди-ку?..»

«Ғаркўз эди бу жувон...»

«Ким ўлдирган экан?»

«Эри аввал ҳам бир-икки ушлаб, кечирган экан. Лалайган бир эркак-да! Бу сафар чидолмабди, бояқиш...»

Биринчи баён: Яшаш ҳуқуқи

Арраланган дарахт

Ўзини осмон тирговичи, деб фараз қилувчи кеккайган дарахт жазосини арра берди: у ўзидан олдинги оғочлар қисматига етди — жон томири узилиб, ерга узала тушди.

Турсунали бу манзарани дастлаб кўрганида ўзининг кечмишини шу дарахт қисматига ўхшатган эди. Унинг қадди ҳам шу оғоч каби адл эди. У макон топган дарахтзор, назарида даҳлсиз эди. Бу дарахтзорда истаганича қуёшдан нур эмиши, ҳузурланиб чайқалиши мумкин эди. Томирлари тоборо кучлироқ қудрат касб этиб борарди. Аммо кутилмаганда унинг дарахтзорига болта оралади: бир чеккадан чопа бошлади. Навбат ўзига етганида унутилаётган ривоятни эслади. Эмишки, бир ўрмонда болта пайдо бўлиб, дарахтларга қирғин келтирибди. Оғочлар унга қарши чора тополмай, қари Эмандан маслаҳат сўрашибди. «Болта деганларинг нима ўзи? У нимадан ишланган?» деб сўрабди Эман. «Болта — темирдан ясалган бир матоҳдир», деб жавоб берибдилар. «Ўзи-ку, темир экан, дастаси-чи? Дастаси ҳам темирданми?» деб сўрабди Эман. «Йўқ,— дебдилар, — дастаси — оғочдан, ўзимиздан». «Дастаси ўзимиздан бўлса, унга чора йўқ», деган экан Эман.

Турсунали макон топган «дарахтзорда» «болта» пайдо бўлиши билан унга даста бўлишга ошиқувчилар кўпайди. Оқибатда Турсуналининг илдизлари чопилди-ю, совхоз директорлигидан райком саркотиблигига ўтаман, деб ният қилиб турган одам эгнига маҳбусларнинг пахталик калта чопонини кийиб, узоқ совуқ ўлкадаги дарахт кесувчилар сафида ўзини кўрди. Уйқусиз кечаларда бу балога мубтало бўлиш сабабларини кўп ўйлади. Тузини еб тузлиғига тупурганларни лаънатлади. Дўст либосидаги илонлар бошини бирма-бир янчишни дилига тугди.

Худонинг қарғиши теккан бу жойларга келгунича бўлган ўтмиш кунларини эсласа, кўз олдини зулумот пардаси қоплайверади. Бу зулумотни гоҳи-гоҳида фақатгина бир нур ёритарди. Бу нур Нафисанинг чеҳрасидан тараларди. Шундай пайтда Нафисанинг димоғидан таралган илиқ нафас унга тириклик шуурини берарди. Азобли кечаларда ҳам фарзандларининг онаси, ҳалол жуфтига нисбатан шу Нафисани кўпроқ ўйларди, уни қўмсарди. Бунга баъзан ўзи ҳам ажабланарди. «Нима бу? Шунчалик қаттиқ севармидим?» деб ўйларди. Турсунали шаҳвоний ҳирс билан севги фарқини ажрата олувчи ақлга эга эмасди. Буни синамоқ учун Нафисага нисбатан ёшроқ, гўзалроқ, ишвалари ширинроқ қиз рўпара қилинса, бас. У «севги» деб ўйлаб юрган туйғу ўларди-қоларди. Ҳозирча, Нафисанинг биринчи тунда шивирлаб айтган «Мунчалар яхши экансиз», деган гапи қулоғи остида турибди. Ўзга илиқ нафас билан айтилиши мумкин бўлган шундай сўз ўтмиш тотли кечалар юзига қора парда тортмоғи тайин. «Аҳмоқ бўлиб шу жувонга илакишиб юрган эканман. Дунёнинг лаззати бу ёқда экан-ку? демоғи ҳам аниқ эди...

Аммо ҳозир, у буларни ўйламайди, орзу қилмайди. Унинг дарди ҳам, нияти ҳам бир — тезроқ бу ўлаксазордан қутулиш! Қачон, қандай қутулади, — бандасига қоронғи. Юртида унинг учун куйиб-эладиган, пул сарф қилиб озодликка чиқариш учун ташвиш чекадиган одами йўқ. Демак, яна ўн тўрт йил маҳбуслик либосида юрмоғи ростга ўхшаб турибди.

Турсунали ана шу оғир дард тоғини елкасига ортган ҳолда ўринга чўзилади, саҳар чоғи шу юк билан қаддини ростлайди. Баъзи эркаклар йиғлайдилар. Баъзилари дардларини айтиб, ҳасрат қиладилар. Турсунали дардини кимга айтсин, кимга йиғласин, кимга ҳасрат дастурхонини очсин?!.


Бир йигит келиб эди. Истарали бу йигитнинг покиза одам эканини юзидан ёғилиб турган нур ошкор этиб турарди. Турсунали «Бу йигитни менга Яратганнинг ўзи етказди», деб қувонган эди. Бугун бу қувонч ҳам балчиққа қоришадиганга ўхшаб турибди. Турсунали шу ҳавотирда дарё томонга қараб-қараб қўяди. Йигитни соҳилдаги қўлбола чайла томонга бошлаб кетганлар. Бу ерга келган кунининг ё учинчи, ё тўртинчи куни Турсунали ҳам шу чайладаги суҳбатга чорланган эди. Ўшанда қўлига болта олиб, арралаб йиқитилган дарахт шохларини энди бутай бошлаган эди. Пачоқбурун бир маҳбус яқинлашиб, ҳе йўқ, бе йўқ:
— Эй, чучмек, юр бу ёққа! — деб буюрди.

Турсунали у дамда осиёликларнинг «чучмек» деб аталишини билмас эди. Шу сабабли мурожаат кимга қаратилганини англамай:
— Менга айтяпсизми? — деб сўради.

Пачоқбурун ҳеч бир такаллуфсиз Турсунали томон чирт этиб тупурди-да, лабини кафти билан артди:
— Сенга айтяпман! — деб тўнғиллади.

Чакалак орасидаги ёлғизоёқ йўлдан бораётганида Турсуналининг юрагига ваҳм оралади. У қамоқ лагерларидаги одам ўлдиришлар ҳақида эшитган эди. Бу Пачоқбуруннинг сўхтаси бунчалар совуқ бўлмаса! Онасидан туғилибоқ одамхўрликни касб қилиб олганини башарасининг ўзиёқ айтиб турибди. Ана шу башара Турсуналини қўрқувга солди. Агар ҳозир унга «бу одам қотил эмас, қулфбузарларнинг устаси», деб ҳақ гап айтилса ҳам ишонмаган бўларди.

«Ўлдиргани олиб кетяптими?» деб ўйлади Турсунали. Сўнг «Нимага ўлдиради? Эндигина келган бўлсам?..» деб ўзига ўзи тасалли берди. Қамалганидан бери мутелик жандасини эгнига илиб, соқчи «юр» деб буюрганда юриб, «ўтир!» деса ўтириб, «қўлингни орқага қил», деса қўлни орқага боғлаб туришга кўникиб қолган Турсунали бу сафар ҳам юввош қўй каби «қассоб» — Пачоқбуруннинг етовида юриб борарди. Турсуналидан қўй ҳам тузук. Қўй қассобни кўрганида маъраб қўяди. Турсунали эса, ақалли бир оғиз гап айтишга ожиз.

Чакалакзордан ўтиб, дарё соҳилига чиқишди. Шохшаббалардан ясалган қўлбола чайлага яқинлашганда Пачоқбурун орқасига ўгирилиб:
— Шу ерда тўхта! — деб буюрди.

«Юввош соқов қўй» амрга итоат этди.

Ҳали қуёш кўтарилиб, борлиқни илита олмаган бўлса-да, чайла хожаларидан икки киши ярим яланғоч ҳолда ўтириб тамадди қилишарди. Пачоқбурун уларга яқин бориб, буйруқ адо этилганини маълум қилгач, ҳожалардан бири Турсунали томон қараб қўйди-ю индамай лунжидаги таомни чайнайверди. Пачоқбурун у ерда, Турсунали эса йигирма қадам берида хода ютгандай тик туриб, уларнинг таомдан бўшашларини кутдилар. Ниҳоят, қорин тўйиб, нафс ором олгач, яқинлашмоққа ижозат бўлди.

Турсунали улардан бирини таниди: у ички қўшинлар маёри кийимида юрадиган, ошхонадаги тартибни кузатувчи одам эди. Резина таёғини кўз-кўз қилиб, ўйнатиб юрувчи бу маёр тартиб бузувчининг гарданига аямай уриб қоларди. Қўли қичиб турган бўлса-ю, тартиб бузилмаса, шўрвасини хўриллатиб ичаётган одамнинг ҳам гарданига тушириб қолишдан тоймасди. Маёр ошхонада кимнинг ёнига яқинлашса, ўша одам иложи бўлса, овқатни чайнамаёқ ютишга ҳаракат қиларди. Чайналмаган овқатни ошқозон ҳазм қилиб юборар, аммо гарданнинг резина таёқ зарбини ҳазм қилиши қийинроқ эди.

Турсунали яқинлашгач, маёр ўрнидан туриб, икки қадам наридаги кўкатлар устига ташланган кийимлар ёнидан таёғини олиб, чап кафтига уриб қўйди-да, унинг орқасига ўтди.

«Уради шекилли?» деб ўйлади Турсунали. Орқадан зарб кутгани учун у беихтиёр букчайди. Ўтирган одам унинг бу ҳолатини кўриб кулди-да:
— Қўрқма, урмайди, — деб овутди.

Бу одамнинг кулиши ўзига ярашарди. Тимқора кўзлари Пачоқбурунники ёки орқада турган малла ма-ёрники каби ёвузлик билан боқмасди. Қалдирғоч мўй-лаби ҳам ўзига ярашган эди. Шу сабабли Турсунали уни маҳбус эмас, шу ернинг катталаридан деб ўйлади.
— Мен — Тенгизман, ўтир, бугун сен менга қўноқсан.

Бу исмни эшитиб, Турсунали ажабланди. Чунки у келган куниёқ ётоқдаги қўшинисидан «Бу ернинг асл хўжайини полковник эмас, ашаддий ўғрибоши Тенгиз бўлади», деган гапни эшитганди. «Тенгиз» деганлари умри қамоқда ўтган, Пачоқбурун каби хунукбашара кекса одам деб ўйлаган эди. Ўзидан ёшроқ бир йигитнинг «Мен — Тенгизман», дейиши шу сабабли ҳам уни ажаблантирди.
— Гапимни эшитдингми? Кел, ўтир.

Турсунали итоат билан, ҳудди қайнонасиникига биринчи марта келган уятчан куёв каби ўтирди. «Ол, е», деган таклифни ўринлатиб бажаролмади. Бир-икки тишлам нон еб, майдаланган гўштга қўл узатмади. Егиси келиб турган бўлса ҳам, кўнгли тортмади. Қамалгунига қадар овқатларнинг сарасини еб ўрганган одам дас-турхон устидагиларни сарқит деб билиб, ирганди. Меҳмонга кечикиброқ борса, дарҳол дастурхон янгиланарди... Энди ўша кунларнинг садағаси кетса арзийди...

Ҳар бир ҳаракатини диққат билан кузатиб ўтирган Тенгиз нафсни енгишга нима сабаб бўлаётганини сезди:
— Ҳазар қиляпсанми? Нега емаяпсан?
— Ҳазар қилаётганим йўқ. Қорним тўқ.
— Ҳозирча янгисан. Яна уч-тўрт ой ўтсин, биров чайнаб ташлаган чандирни ҳам кўзингга суртиб ейдиган бўлиб қоласан. Сен менга қўноқсан. Ол, е! Мени ранжитма!

Аввалги таклиф энди буйруққа айлангач, Турсунали беихтиёр гўштга қўл узатди. Бу буйруқдан сўнг «қорни тўқ одам» дастурхонни ямлаб ютаёзди. У овқатланиб бўлгач, Тенгиз дастурхоннинг бир учини қайириб ёпди-да, Пачоқбурунга қаради. Буйруққа маҳтал турган мулозим бу қарашнинг маъносини уқиб, дастурхонни йиғиб олди-ю, нари кетди. Тенгиз маёрга ҳам бир қараш қилган эди, у кийимларини қўлтиқлаб, чайла ортига ўтди.
— Тўхтаев, гап бундай, — деди Тенгиз ҳоли қолишгач.

«Менинг фамилиямни қаердан била қолди?» — деб ажабланди Турсунали. Сўнг «қамоқ лагери бошлиғидан устунроқ мавқедаги одамга шуни билиш қийин эканми?» деб қўйди.
— Сен албатта туҳмат билан қамалган бўлишинг керак, а?

Қора булут чоки сўкилиб, бирдан қуёш чарақлагандай бўлди: Тенгиз Турсуналининг кўнглидаги гапни топиб айтган эди.
— Ҳа, туҳмат билан қамашди, — деди Турсунали ютиниб.
— Бу ердагиларнинг ҳаммаси ўзини пассажир1 деб ҳисоблайди. Сени бу ерга туҳмат бошлаб келмаган. Ҳасислик қилгансан. Пупкарларни вақтида мойлаш керак эди.
— Кимни?
— Милисани! Нима, бунақа сўзларга тушунмайсанми?
— Уларни... роса мойлаганман. Бекорга еб кетишди.

  

— Етарли мойламагансан. Молнинг чанқоғини томизғичдаги томчи сувлар билан қондириб бўладими?
— Бизнинг иш Масковнинг қўлида эди. Уларни челаклаб ҳам суғориб бўлмас экан.
— Бўлмайдиган иш йўқ бу дунёда, Тўхтаев! Нима учун Москва сенларга ёпишди, биласанми?
— Йўқ, билмайман.
— Отам раҳматли айтиб берардилар. Уруш маҳалида иккита ўзбекка битта милтиқ беришаркан. «Биттанг ўлсанг, иккинчинг олиб отаверасан», дейишаркан. Оталаринг шунга ҳам кўнишаверган. Сенлар ҳам оталарингга ўхшаган лақмасанлар. Аҳил эмассанлар. Бир-бирларингни сотишни яхши кўрасанлар. Козёл2 ҳам кўпроқ сенлардан чиқади. Сенга ўхшаган совхоз директори бошқа ерда йўқми? Муттаҳам, порахўр ҳамма ерда тўлиб ётибди. Бунақалар Арманистонда йўқми? Бе, сенлардан кўра кўпроқ у ерда. Лекин Гобелян у ёққа бормайди. Ўзиникига тегмайди. Сенларнинг ярмингни қириб ташласа ҳам ғинг демайсанда. Қани, Горбач арманиларга тегиб кўрсин-чи! Москвангнинг оёғини осмондан қилиб юборишади. Сенлар эса... — Тенгиз ҳафсаласи пир бўлиб қўл силтади. — Сенлар мишиқларингни оқизиб, «туҳматдан қамалдим», деб йиғлаб юраверасанлар. Энди гап шу, билмасанг билиб ол: мен — ўғриман! Очиқда юрганингда мендағалардан нафратлардинг, а?
— Йўқ... нега?
— Талмовсирама. Биз — ўғрилар, сенларнинг назарларингда энг пасткаш одамлармиз. Аслида эса, сенлар пасткашсанлар. Биз ўғримиз, бу билан фахрланамиз. Билиб қўй: энг ҳалол одамлар бизлармиз. Шунинг учун ҳам одамлар тақдирини ҳал қилиш ҳуқуқига фақатгина бизлар эгамиз. «Честняга» деган сўзни эшитганмисан? Ана ўшалар бизлармиз. Бизда ҳалолликдан бир энлик ҳам нари-бери чекинилмайди. Дўстга хиёнат йўқ. Ким бунга журъат этса — боши кетади. Сенларда ҳалоллик борми? Садоқат борми? Йўқ! Ҳеч нарса йўқ! Олдингда икки йўл бор: агар тирик қолсанг, ўн тўрт йилдан кейин уйингга борасан. Умринг қисқа бўлса, шу ерда ўлиб кетасан. Билиб қўй, бу ерларда илонлар кўп. Бир чақишда ўлдиради. Агар хизматимизни бекаму кўст қилсанг, сени илонлардан ўзимиз қўриқлаймиз.
— Нима хизмат буюрсангиз... тайёрман!
— Нима бало, пионермисан, доим тайёрман, дейсан? Сен ўйлаб, шошилмай жавоб бер.
— Шошилсам-шошилмасам, менга суянадиган бир тоғ керак-ку?
— Тоғ, дедингми? Яхши айтдинг. Сен суянадиган тоғ бор. Аммо... — Тенгиз жилмайди. Бу жилмайиш аввалгидай беғубор эмас, балки айёрлик ели бор эди унда. — Аммо, суяниш учун тоғ ҳақини тўлашинг керак. Очиқликда ҳар ой маош олардингми? Ҳа, олардинг. Худди шунга ўхшаб, суянадиган тоғ ҳақини ҳар ойда тўлаб турасан. Сен бугун бикса1нгга бир малява2 ёзасан. Ҳар ойда пул юбориб туради.
— Пул? Қанчадан?
— Буни хат олиб борган одам айтади.
— Пулни бу ёққа юборадими?
— Бу сенинг ишинг эмас. Пулни бизга тегишли одам бориб олади. Агар шартимизни бажармасанг, аввалига трамвайга қўямиз. Кейин беспределùик3нинг эрмагига топширамиз.

Эрталабки меҳмондорчилик ана шундай «шартномани имзолаш» билан якунланди. Шарт бажарилмаган тақдирда Турсунали ўзини қандай жазо кутишини кеч ётар маҳалида билди. Ўтоқ қўшнисидан «трамвайга қўйиш» нима эканини сўраб, «сени ҳаммомга олиб кириб, йигирма-ўттизтаси галма-гал «гаплашиб» чиқса — трамвай бўлади», деган жавобни олганида бадани музлаб кетди.

Ҳозир, чайла томонга қараб турган чоқда ҳам шу тадбир эсига тушиб, бир сесканди.

Кеча лагерга олиб келинган йигит Турсуналига хуш ёқиб, «менинг ҳалоскорим шу», деб ўйлаган эди. Ўши йигирма бешни қоралаган бу йигит ўзини Нуриддин деб таништирди. Беш йил муқаддам қамоққа солинган Нуриддин учун бу ер учинчи лагер эди. Бу ерга келгунига қадар аввал Украина, сўнг Туркманистон қумликларида пишган бу йигит яна ўн йил умрини шундай сарсонликда ўтказмоққа маҳкум эди.

Нуриддиннинг дарҳол Тенгиз суҳбатига чорланиши қамоқхона олами қонунларидан узоқ бўлган Турсунали учун тушунарсиз эди.

Тенгиз Нуриддинни дастурхонга таклиф этмади — тоғликлар одатига содиқ қолмай, меҳмонни иззат қилмади. Бир неча дақиқа тик турган ҳолда гаплашишгач, чайладан бақувват йигит чиқди-ю, олишув бошланиб кетди. Тепадан кузатиб турган Турсунали йигитга ачинди. Болтани кўтариб югургиси, уни ҳимоя қилгиси келди. Аммо бу хоҳиш чақмоқ умри каби қисқа эди. Хоҳиш чақмоғи сўниб, жони кўзига кўрингач, ўзини тийди.
— Ҳай Чучмек! Сен учун мен ишлайманми?

Бу овоз Турсуналини ҳушига келтирди. Чайла томонга бошқа қарамай, дарахт шохларини бутай кетди.

Пастда нима воқеа юз берганини ўнг қоши ёрилган, чап билаги тилинган, бадани мушт ва тепки зарбларидан мўматалоқ бўлган Нуриддин ётар маҳалида айтиб берди.

Имом ҳамзат

Бундай суҳбатга чорланиш Нуриддин учун янгилик эмасди.

Чакалакзордан ўтиб, соҳилга яқинлашганида чайладан Тенгиз чиқди. Пачоқбуруннинг амри билан Нуриддин берироқда тўхтади. Тенгиз унинг рўпарасида туриб олиб, бошдан-оёқ тикилди. Сўнг у томон уч-тўрт қадам қўйди.
— Сенга «еш-шак» деб лақаб қўйишибди. Нима учун айнан «еш-шак»?

Нуриддин Тенгиз тикилганида кўзларини олиб қочмади. «Сендан қўрқадиган одам эмасман», дегандай тик боққанича тураверди.
— Гапимга жавоб бер: нима учун сени «еш-шак» дейишди?
— Ўзларига ўхшатишмоқчи бўлишгандир.
— Шунақами? — Тенгиз истеҳзоли жилмайди. — Сен қайсар эмишсанми?
— Беайб Парвардигор.
— Шунақами? — Тенгиз унга янада яқинлашди. — Шеригингни нима учун отиб ташлаган эдинг?
— Аблаҳлиги учун.
— Кофирлиги учун эмасми?
— Кофирнинг ҳам инсофлиси, виждонлиси бор. Кофирнинг ҳам ўзига яраша эътиқоди бўлади. У кофир эмас, аблаҳ эди.
— Бубликни танийсан, а?

Танимай-чи?! Нуриддин Туркманистондаги лагерга келганидан то кетгунича у билан ит-мушук бўлиб яшади. Қошларигача қириб юрувчи бу одамни ҳамма «Бублик» дер, кўпчилик ундан ҳайиғиб юрарди. Нуриддин эса, унга «маймун» деб лақаб бериб, бўйсунишни истамаган эди.
— Бубликни танийсан, — деди Тенгиз ундан жавоб кутмай. — Бублик сендан хафа. Хизматидан бўйин товлабсан. Нега хизматини қилмадинг?
— Мен унинг қули эмасман.
— Қизиқ... қизиқ... сен янглишма, эш... бола, кимдир кимгадир қул бўлиши керак. Бу дунё ўзи шунақа. Сенинг қулликдан ўзга чоранг йўқ. Ё қул бўлиб яшайсан, ёки ўласан!
— Одамнинг қуллиги тўғри. Лекин сиз ҳам янглишманг. Одам фақат Яратгангагина қулдир. Банда бандага қул бўлмайди. Айниқса, мусулмон кофирга қул бўлмайди.
— Мен Тенгизман! Менинг хизматимни қиласанми?
— Йўқ.
— Ўйлаб жавоб бер.
— Бубликка нима жавоб қилсам, сизга ҳам жавобим шу.
— Мендан қўрқмайсанми?
— Нега қўрқишим керак? — Нуриддин унга тик қараганича жилмайди. — Сиз мени урарсиз, нари борса ўлдирарсиз. Одамлар ўлимдан қўрқадилар. Уларнинг нодонлиги ҳам шунда. Қўрқса-қўрқмаса барибир ўлади-ку? Мен ўлимдан қўрқмайман. Демак, сиздан ҳам қўрқмайман. Мен фақат Оллоҳдан қўрқаман.
— Дурустсан, бола! Аммо ўлимнинг ҳар хили бўлади. Ёшликда ўлиб кетавериш алам қилади. Мен, масалан, ҳозир ўлишни истамайман. Ҳали кўп яшашим керак. Кўп одамлар билан ҳисоб-китобим бор.
— Бу сиз билан менинг истагимга қараб бўладиган иш эмас. Бу ёғи тақдир ёзуғимизга боғлиқ. Лекин Худо сизга узоқ умр бериши мумкин.
— Нега? — Тенгиз Нуриддиннинг гапидан чиндан ҳам ажабланди.
— Оллоҳнинг ваъдаси бор: баъзи одамлар янада кўпроқ гуноҳ қилиб олиши учун умрини узоқ қилар экан.

Бу гап Тенгизга ёқмади:
— Ўчир овозингни! — деб жеркиб берди.
— Бу менинг гапларим эмас...
— Ўчир, деяпман! Менга қара, қайсарлигинг учун сенга «еш-шак» деб лақаб беришган. Хўш, эш-шаклигингча қоласанми ё биз айтган йўлга юрасанми?
— Сиз айтган йўлга юрмайман, овора бўлманг.
— Унда ўласан.
— Буни Худо билади.
— Яхши, мардлигинг ҳам бор экан. Майли, сени итдай хорлатиб ўлдирмайман, эркакдай ўлишинг учун имконият яратиб бераман. Менинг одамим билан яккама-якка олишасан. Танла: мушт биланми ё тиғ биланми?
— Танлаш ҳуқуқини сизларга бердим. Одамингизнинг чоғи нимага келса, шундай олишсин.
— Катта кетма бола! Демак, бундай: аввал мушт билан, кейин тиғ билан!

Рақибини пичоқ билан нобуд қилгудай бўлса, бошига балолар орттириши мумкинлигини билган Нуриддин тиғни рад этди:
— Иккала имкониятни одамингизга бердим. Мен муштимга ишонаман.
— Катта кетяпсан, бола! Билиб қўй: бу олишувда фақат битта одам тирик қолади.

Тенгиз шундай деб уч қадам чекинди-да:
— Бифштекс! — деб чақирди.

Мушаклари ўйнаб турган баланд бўйли йигит ҳаялламади. Ҳарқандай рақибини қиймалаб ташлашга қодир бўлгани учун «Бифштекс» лақабини олган бу йигит Тенгизнинг биргина имосидан мақсадини англаб, жангга ҳозирланди. Тенгиз ҳали жанг майдонини бўшатмай туриб, кескин тарзда бир айланди-да, рақибининг жағини мўл тепмоқчи бўлди. Нуриддин гарчи бу қадар тез ҳамлани кутмаган бўлса-да, жангга шай эди. Шу боис жағини тепки зарбига рўпара қилиб қўймади. Кескин энгашиб, шу аснода муштини ишга солишга улгурди. Бифштекс кучли зарбага мўл ҳаволатилган оёғини идора қилишга улгурмай нозик еридан мушт еб, букчайиб қолди. Нафаси қайтиб, инграб юборди. Нуриддин унинг ўзига келиб олишини кутиб, чекинди.
— Пайти келганда уриб қол! — деди Тенгиз.
— Мен номард эмасман, — деди Нуриддин рақибидан кўз узмай.
— Унда ўзингдан кўр. У сенга меҳрибонлик қилиб ўтирмайди.
— Меҳрибонлигига зор эмасман.
— Ростдан ҳам эш-шак экансан! — Тенгиз шундай деб сигарет тутатди. Сўнг ўзини ҳануз ўнглай олмаётган мулозимининг кетига тепди. — Бир муштлик ҳолинг борми, бундан кўра ўлганинг яхшимасми? Бўлдими, кетаверсинми?
— Йў-ўқ! Бу ердан битта одам кетади. Мен ҳозир уни қиймалаб ташлайман. — Бифштекс шундай деб чўнтагидан буклама пичоқ чиқариб, тугмачасини босди; дудама тиғ офтобда ялтиллаб кетди.

Нуриддин учун бу биринчи олишув эмасди. Шу сабабли довдираб қолмади. Енгил ҳаракат қилганича Бифштексни чалғитиб, бирин-сирин зарбалар бера бошлади. Фақат бир марта тиғ унинг чап билагини тилиб ўтди. Тилинган ердан сизиб чиққан қонни кўриб, Бифштекс мамнун жилмайди. Буни жон олғувчи асосий зарбанинг дебочаси деб ўйлади. Ҳа, чиндан ҳам бу асосий зарбаларнинг бошланмаси эди. Аммо зарбаларни у эмас, Нуриддин берди. Кетма-кет тепки зарбалари унинг ҳаёт-мамотини ҳал қилди: аввал жағи синиб, ияги узилиб, учиб кетай деди. Кейинги тепки бўғзини пачоқлади. Нафаси бўғилди. Кўзига қон тўлган Нуриддин унинг бу ҳолини кўрмади. Чаққон сакради-да, иккала оёғи билан унинг кўкрагини мўл тепди. Тепиш асносида ўзи ҳам чалқанча йиқилиб, бир неча нафас ҳушини йўқотди. Ҳушига келгач, тепасида пичоқ санчишга тайёр турган Бифштекс пайдо бўлишини кутди. Сакраб турмоқчи эди, бадани ўзига бўйсунмади. Яна икки-уч нафас беҳол ётиб, сўнг қаддини аста кўтарди. Тўрт-беш қадам нарида узала тушган Бифштексни, тиз чўканича унинг билагини ушлаб кўраётган Пачоқбурунни, унинг тепасида сигарет тутатиб турган Тенгизни кўриб, олишув якунланганини фаҳмлади.
— Ўлибдими? — деди Тенгиз, сигарет қолдиғини нари улоқтириб. — Ўлибдими?! Нега бақага ўхшаб анграясан?

Пачоқбурун тасдиқ ишорасини қилиб ўрнидан турди. Тенгиз орқасига ўгирилиб, Нуриддин томон юрди.
— Кўрдингми? Ўлибди. Энг яхши одамимни ўлдирдинг. Хўш, энди нима қиламиз? Қолган ўн йилингни йигирма бешга айлантирамизми? Ё менга қўшиласанми?

Нуриддин ўрнидан туриб, лабидаги қонни артди.
— Сизга қўшилсам, уришиб ўтирмас эдим.
— Сен олифтагарчилик қилма, барибир синасан.
— Синишдан олдин ўзимни ўлдираман.

Тенгиз бир сўкинди-да, ўгирилиб, Пачоқбурунга бақирди:
— Нимага лаллаясан?! Кўтар, дарёга ташла. Кум1га бориб, Бифштекс қочди, деб айт. Кейин лепила2ни бошлаб кел.

Қамоқ лагерининг табиби муолижа қилиб кетгач, Тенгиз Нуриддинни чайлага бошлади. Эски газеталардан иборат «дастурхон» усти бетартиб эди. Пачоқбурун кириб, чала ейилган нон-гўштларни йиғиштириб чиқиб кетгач, Тенгиз алюмин кружкага тўлатиб ароқ қуйди-да, меҳмонга узатди. Нуриддин уни олиш учун қўл ҳам узатмади.
— Ҳа, — деди Тенгиз, қошларини чимириб. — Ҳазар қиляпсанми?
— Ичмайман, — деди Нуриддин. Сўнг таранг вазиятни юмшатиш мақсадида қўшиб қўйди: — Шу пайтгача ичмаганман.
— Намоз ўқийсанми?
— Йўқ.
— Унда менга ўхшаган чала мусулмон экансан. Ичмайдиган одамларни ҳурмат қиламан. Ичишни анави тўнғизларга чиқарган. Бу нима, биласанми?
— Ароқни айтяпсизми?
— Ҳа, сен билан мен буни ароқ деймиз. Аслида бу бизнинг миллатимизни қириб ташловчи атом бомба. Бу энағарлар бизларни қандай қуритишни билишган. Сен билан биз бунинг фаҳмига бормай ичаверамиз, ичаверамиз. Ичиб олиб болаларни туғдираверамиз. Бориб-бориб миллат қирилиб кетганини билмай қоламиз. Сенлар кўпсанлар, унча билинмас балки. Аммо биз каммиз. Ҳадемай қирилиб битамиз.
— Сиз... грузинмисиз?
— Йўқ... — Тенгиз мийиғида кулди: — Мен — аварман! — Тенгиз бу гапни ифтихор билан айтди. — Авар деган халқ бор бу дунёда, эшитганмисан?

Нуриддин эшитмаган эди. Бир оз хижолат бўлгани ҳолда бу ҳақиқатни тан олди.
— Сен мени гуржига ўхшатма. Улар Қофқазни сотишган. Менинг бобобларим эса қофқазимизни бу кофир тўнғизлардан ҳимоя қилган. Имом Ҳамзат, имом Шомил, Ҳожимуродларни эшитганмисан? Ҳа, эшитмагансан.
— Мен... ўқимаганман. Саккизинчини битириб, далага чиқиб кетганман. Кейин ҳарбийга чақиришиб, Афғонга ташлашди. Кейин бу ерлар... қўлимга битта китоб олиб ўқимаганман сира.
— Унда сени «еш-шак» деганлари тўғри экан. Қайсарлигинг учун эмас, ўқимаганинг сабабли эш-шаксан. Ўқимаган одамнинг эш-шакдан нима фарқи бор? Сен менинг тарихимни билмайсан. Ўзингникини биласанми? Сенинг ҳамзатларинг, шомилларинг борми? Билмайсан! Эш-шак ҳам ўзининг ота-боболарини билмайди. Гапларимга ҳайрон бўляпсанми? «Ўғридан ҳам шунақа гаплар чиқадими?» деяпсанми? Мен ўғри бўлиб туғилмаган эдим. Ота-бобом ҳам ўғри эмасди. Мен ўзимникиларнинг ушоғига ҳам хиёнат қилмаганман. Мен еримга ўғри бўлиб босиб кирганларнинг мол-жонига қирон келтираман. Мен ўғри эмас, қасоскор, хунхўрман! Аммо ўғри деган унвонни олганман. Мен учун қасоснинг ўзгача йўли йўқ. Биласанми, мен салкам олий маълумотли файласуфман. Ҳа... мени тўртинчи курсдалигимда ҳайдашган. Ленинградда ўқирдим. Бир профессор бор эди, — Тенгиз шундай деб истеҳзоли жилмайди. — Николай Александрович Сагоев деган. Қизиқ, а? Исми ўрисча, насаби тоғликларники. Кейин билсам асли Назир Алиевич Сагоев экан. Тилимни тиёлмай ўшанга бир куни айтдим: «Муҳтарам профессор, майли, ўзингизнинг исмингизни ўрисча қилибсиз, отангизнинг шундай чиройли исмини нега ўзгартирасиз? Сизда тоғликлар номусидан заррача борми?» дедим. У энағар мени комсомол мажлисига қўйди. Менинг қайсарлигим тутиб, мажлисда аварча гапирдим. Ўша профессорнинг ўзи таржима қилиб турди. Ўрис деганларнинг жазавалари тутганини кўрсанг эди. Қўлларидан келгани — мени комсомолларидан ҳайдашди.

Шартта туриб: «Мен аварман! Аварлигимча ўламан! Тупурдим сенларга!» дедим. Шу баҳона бўлиб ўқишдан ҳайдашди. Кейин мен бу «ўқишга» кирдим. Биринчи қилган ишим — Сагоевнинг уйини босдим. Авар князлари ҳам унчалик бой бўлишмагандир. Тоғлик йигитларни ўқишга киритиб қўяман, деб тозза шилар эди у энағар. Уйини шилиб, қолган-қутганини ёқиб юбордим. Ўн йил бадалида икки марта қўлга тушиб, пишдим. Ўн биринчи йили «қонундаги ўғри» мартабасини бериб, менга тож кийдиришди. Энди билдингми, кимлигимни? Бу тўнғизлар мени қул қилиш учун еримга бостириб киришган эди. Энди уларнинг ўзлари менинг қулим. Бифштексни ўлдирганинг учун заррача афсусланмадим. Бу энағарлар қанча кўп ўлса, шунча яхши. Сен эса... яшашинг керак! Мен сенга «Ҳамзат» деб ном бераман. Шомил билан Ҳожимурод ҳам бизнинг қаҳрамонларимиз. Лекин мен уларни унча яхши кўрмайман. Улар охири синишган. Ўрисга таслим бўлишган. Ҳамзат эса, синиш у ёқда турсин, ҳатто салгина эгилмади. Жойнамознинг устида боши узилди. Сенда ҳам шунга яқин фазилат кўрдим. Шунинг учун сенга меҳрим тушди. Шунинг учун бу гапларни сенга айтяпман. Аммо сен бола, қайсарлигингни арзон баҳога сотар экансан. Сен майда-чуйда гаплардан устун тур. Сен миллат учун собит бўлишни ўрган. Шунга ақлинг етадими? Йўқ, етмайди... Афсус, афсус, етмайди. Мен ўзбеклар орасида сенга ўхшаган мардини кам кўрганман. Сенларнинг синишларинг осон. Сен бу ерлардан синмайдиган одам бўлиб чиқ. Кўзларингни очиб, одам бўлиб чиқ! Ҳамзат, бир куни келиб гапларимни эслайсан. Ана шунда бу ўғри унчалик аҳмақ эмас экан, деб тан оласан.

Ҳаёт-мамот олишуви Нуриддин, эндиликда Ҳамзат учун кутилмаган ҳодиса эди. Қаҳрли ўғрининг бу гаплари эса, мутлақ кутилмаган ҳол бўлди. Бу гапларнинг мағзини чақишга ҳаракат қилди. Кейинги учрашувларда яна шу ҳақда гап очилармикин, деб кутди. Бироқ, Тенгиз қаҳрли ўғрибоши либосини ечиб, очилиб гаплашмади. Фақат анча кейин, ноҳуш воқеалар сўнгида ажралар маҳалларида «Сен менинг ҳимоямдасан. Мен ўлсам, одамларим ҳимоя қиладилар. Сен ўша кунги гапларимни унутмасанг бўлди: асло сина кўрма!» деб таъкидлади.

Мурик

Қамоқ оламининг икки тартиб-интизоми бор. Биринчисига ҳуқуқ идоралари тартиб берганлар. Буниси қоғозга тушган, муҳрланган. Унга кўп ҳолда амал қилинмайди. Иккинчиси қоғозга ёзилмаган, муҳрланмаган. Аммо унга бехато тарзда бўйсунилади. Қонундаги ўғрилар томонидан жорий этилган тартиб-қоидаларнинг бузилиши улуғ бир фожиа саналиб, бузғунчи кечирилмайди.

Қамоқхоналар, лагерлар гарчи симтўсиқлар билан ўралиб, қуролли соқчилар билан қўриқланса-да, ўғрилар турли ўлкаларга сочиб юборилган бўлса-да, уларни бир-бирларига боғлаб турувчи ботиний робита ғоят мустаҳкам эди. Белоруссиядаги лагерда бўлаётган гапларни Москвадаги генераллардан аввал Воркутадаги маҳбуслар эшитишарди. «Лагер телетайпи» деб номланувчи хабар хизмати бехато ишларди. Генераллар ботиний занжир мавжудлигини, унинг ҳар бир ҳал-қасини билишса-да, ўзларини билмаганга олишарди. Ҳалқаларни узиб ташлаш қўлларидан келса-да, ботина олишмас эди. Зеро, таъбир жоиз бўлса, ўзлари ҳам шу занжирнинг бир ҳалқаси эдилар.

Тартиб этилган қоидаларга кўра, «лагер телетайпи» Мурикнинг бу томонларга келишини ўн беш кун аввал маълум қилган эди.

Дарахт кесиладиган жой ўзгариб, дарё соҳилидаги чайла ҳам кўчирилган эди. Қуёш ёз фаслига хиёнат қилиб, кузнинг заҳарли нафаси ҳукмини ўтказа бошлагани учун чайлага жойлашган «политбюро»нинг «штаб-квартира»си баракка кўчирилган эди. Бу ерларнинг бетайин ҳавоси ўзини намойиш этган — эзиб ёққан ёмғирдан сўнг оз фурсат юз очувчи офтоб баданга ҳарорат беришга улгура олмас ҳам эди. Маҳбусларни қийратиб ташлаган чивинлар келгуси ёзда учрашиш умидида иссиқ уяларига кириб кетганлар. Чивинлар азобидан қутулган маҳбуслар учун шу шилта аёзли мавсум аълороқ туюлар эди.

Эгнига пахтали калта тўн, бошига телпакни қийшайтириб кийиб олган Тенгиз нам тортган хашак устида узала тушиб ётганича пинакка кетган эди. Пачоқбурун кириб, унинг оромини бузди.
— Нима дейсан?— Тенгиз эснаб, қаддини кўтарди.
— Находкадан ксива бор.
— Ўқи, кимдан экан?
— Гарбуздан.
— Гарбуз? — Тенгиз «ким экан у?» деб ўйлади. Ҳар қанча тиришса ҳам Гарбузнинг ким эканини эслай олмади. Унинг хотираси яхши эди. Бир кўрган одамини, бир марта эшитган исмни ўн йилдан кейин ҳам қийналмай эсларди. Ленинградда ўқиб юрган кезлари у бошқа талабалар каби дафтар тутмас эди, муал-лимларнинг маърузаларини ёзмас эди, хотирасида сақлаб қоларди. «Менинг дарсимни менсимайсан», деб даъво қилган муаллимга Лениннинг «Фалсафа дафтари»дан бир неча саҳифани ёддан айтиб бергач, дўстлари уни «тирик компютер» деб атай бошлаган эдилар. Ана шундай мукаммал хотира эгаси Гарбузни эслай олмади. Пачоқбурун хатни ўқий бошлагач, масала ойдинлашди. Пачоқбуруннинг фақат бурни эмас, билими ҳам пачоққина эди. Бешинчи синфда икки йил сабот билан ўқигач, олтинчи синфга бормай қўя қолганди. Рус алифбосидаги ўттиз уч ҳарфнинг тенг ярмидан кўпроғини, яъни нақ ўн етти ҳарфни эркин ўқий олиш мартабасига етган бу «дониш»нинг ўзига ўхшаш бир ўғри қўли билан ёзилган мактубини ҳиж ўқишини тасаввур қилинг-у, Тенгизнинг чидамига қойил қолаверинг. Аммо Тенгиз ҳам темирдан эмас. Уч-тўрт жумла ўқилгунча чидади, сўнг хатни Пачоқбуруннинг қўлидан юлқиб олди. Катак дафтар саҳифасининг бир бурчи йиртилиб, Пачоқбуруннинг бармоқлари орасида қолди. Хатга кўз югуртирган Тенгизнинг юраги баттар сиқилди. Бу одам қўли билан ёзилган хатми ёки сиёҳга ботириб қоғоз устига қўйиб юборилган ўрмон чумолисининг изларими, буни эскперт аниқлаб бермаса, оддий одамнинг фарқлаши қийин эди. Тенгиз унда-бунда ҳарфни эслатувчи белгиларни қўшиб, бир амаллаб ўқий бошлади:

«Ўғрилар омон бўлсин!

Салом, Тенгиз, салом қориндошим! Сенга етиб маълум бўлсинким, бу мен — Олег «Гарбуз»ман. Сенга ва Иркутск тсентралидаги барча ўғриларга, «политбюро» аъзоларига, сизларнинг елкадошларингизга биродарлик саломларим бўлсин! Қимматбаҳо саломатликлар қалай? Худо барчаларингизга узоқ йиллар омонлик берсин.

Қориндошлар, жондош ўғрилар, бизнинг Находкада мендан ташқари Валдемар «Олов», Борис «Шимол» ҳам бор. Биз уч ўғримиз, аммо ҳалигача биронтамиз тож кийиш бахтига муяссар бўлмаганмиз. Малявамнинг дастлабки сатрларидаёқ ўз муроду мақсадимни баён қила қолай: мен сиз меҳрибон ўғриларнинг бирингизга ука, бирингизга дўст, улуғларга эса ўғил ёки жиян бўлиб, мўътабар ўғрилар оиласининг тенг аъзоси сифатида қаторларингизга кирмоқликни орзу қиляпман. Мен бундан буёнги ҳаётимни ўғрилик меҳробига атадим. Бундан буён сиз меҳрибон зотлар билан елкама елка туриб, барча дарду аламларни бирга тотмоққа, тенг баҳам кўрмоққа қарор қилдим.

Қадрдоним Тенгиз! Мен қамоқда ҳали кўп ўтираман. Ўғриларнинг муқаддас оиласига аъзо бўлсам, «қонундаги ўғри» тожига лозим кўрилсам, балки қолган умримни ҳам қамоқда ўтказарман. Бу масалада сизлар нима ирода қилсангиз, шу бўлади. Мен озодликда юрганимда сизлар ҳақингизда кўп эшитганман. Сизлар томонга интилганман. Бироқ, сизлар билан юзма-юз учрашиш бахти менга насиб этмади. Хатимни ўқиб бўлгач, барча камчилигу гуноҳларимни ёзиб юборарсизлар. Сизларнинг кўрсатмаларингизга амал қилиб, бундан кейинги ҳаётим масалаларини ўғрилар қоидасига хилоф қилмаган ҳолда ечиб борайин. Мен қандай оғир кунларда сизларни безовта қилаётганимни билиб турибман. Илтимосим қабул қилинган тақдирда рўпарамда қандай машаққатлар турганини ҳам ҳис этяпман. Бу сатрларни ёзиш ҳам менга осон бўлмади. Бу хат ўзимнинг ҳаётим хусусидаги бир ҳукмдир. Сўнгги нафасимга қадар ўғриларнинг улуғ оиласига содиқ қул бўлиб хизмат қиламан. Агар у дунёда ҳам ўғрилик ҳаётини давом эттириш лозим бўлса, у дунёда ҳам фақат ўғрилар оиласига қулман.


Азиз ва қондош ўғрилар! Энди ўзим ҳақимдаги маълумотни ёзай: мен тулаликман. Биринчи марта 1978 йил 2 март куни машина ўғирлаш пайтида қўлга тушиб, олти йилга қамалдим. Бир йилдан сўнг ўсмирлар қамоқ лагеридан катталарникига ўтдим. Икки йил Ярославлда ўтирдим. Сўнг «Этап» билан Лвовга юборилдим. Зеквагонда Серёжа «Оққуш» билан танишдим. У менга кўп нарсаларни ўргатди. Лвовда эканимда ўғрилар қурултойи бўлди. Саксон тўртинчи йилда озодликка чиқдим. Ўн беш кундан сўнг 212-модданинг учинчи банди билан яна беш йил беришди. Ҳали Туладаги қамоқда эканимда ўғриларнинг қурултойи бўлди. Витя «Калина», Султон Чечен билан шунда танишдим. (Султонни Худо раҳмат қилсин, ётган ери момиқ бўлсин!) Султон мени лагердаги тартибга бошлиқ қилиб кетди. Кўп ўтмай промзона коменданти ўлдирилиб, ҳамма ёқ ағдар-тўнтар бўлди. Комендант зонада қанжиқ-мусорларнинг қурултойини ўтказмоқчи эди. Менинг бўйнимга ҳеч нима илиша олмади. Аммо Тверга боргач, яна бир ярим йилни бўйнимга илишди. Бу ерда бошқа ўғрилар бўлмагани сабабли сизлариннг биродарингиз Остап «Жанжал» бу ердаги тартиб-интизомни бошқаришни менга топширди. Бу ишонч мен учун катта бахт эди!

Учинчи марта банкка ҳужум қилганимда қўлга тушиб, мана шу ерда ўтирибман.

Илтимосимга жавобни сабрсизлик билан кутаман.

Сиз — энг меҳрибон, энг ҳалол ўғриларга мустаҳкам соғлиқ ва озодлик тилайман.

Сиз улуғ зотларни ғойибона бир-бир бағрига босувчи тулалик Олег «Гарбуз». 26.08.1988. Находка.»

Тенгиз хатни ўқиб бўлгунича кўзлари тиниб, гарданида оғриқ пайдо бўлди. Аввал мижжаларини енгил уқалаб, сўнг гарданини силади. «Битхат бўлса ҳам гапларни топиб ёзаркан. Агар ўзининг калласидан чиқариб ёзган бўлса, аҳмоққа ўхшамайди, — деб ўйлади Тенгиз. — Лекин... Нима учун шу пайтгача у ҳақда эшитмаган эканман?» Тенгиз шу хаёл билан Пачоқбурунга қаради. У буйруққа маҳтал ҳолда сомелик ила турарди.
— «Политбюро»ни тўпла.

Эътиборли ўғриларни ярим соат ичида тўплаб келиш учун Пачоқбурунга шу қисқа буйруқнинг ўзи кифоя қилди.

«Политбюро» деганлари тождор ўғрилардан иборат кенгаш эди. Гарчи Тенгизнинг обрўйи қамоқ лагери бошлиғидан ҳам баландроқ бўлса-да, айрим масалаларда бу кенгаш ҳукмига хилоф иш кўришга ҳуқуқи йўқ эди.

Бифштекс ўлдирилганидан бери «политбюро» йиғилмаган эди. Ҳа, ўшанда Тенгиз бир адашди. У аслида Нуриддиннинг адабини бериб қўймоқчи эди, сўнг ўзи томон оғдирмоқчи эди. Ҳирсдай Бифштекснинг бир тепки билан ўлиб қолиши ҳаёлига ҳам келмаган эди.

Лагерда Бифштекснинг «қочгани» ҳақида хабар тарқалиши билан Валера «Қўтос» деб лақаб олган «политбюро оқсоқоли» Тенгизни чақиртирди. Қўтос қолган умрини қамоқ лагерига бағишлаган ўғрилардан эди. У озодликка чиқишни истамасди. Қамоқ муддати ниҳоясига етай деганда бир қилиқ чиқарарди-ю, ўзининг таъбири билан айтилганда, «курорт мавсуми чўзиларди». Унинг асосий вазифаси — келажакда улуғ ўғри бўлиб етишиши мумкин бўлган йигитларни аниқлаб, тарбиялаш эди. Шу жиҳатдан қаралганда Нуриддиннинг тарбияси билан аввал «Қўтос» шуғулланиши лозим эди.

Қўтоснинг йўқлови Тенгиз учун кутилмаган бўлмади. Бугунми-эртами барибир рўпара бўлишини билиб, жавобларни тайёрлаб қўйган эди. Аммо Қўтоснинг белгиланган баракда якка ўзи эмас, «политбюро» аъзолари билан биргаликда кутиб олгани Тенгиз учун кутилмаган ҳол бўлди. Хаёлига «нима бу, тўнтаришми?» деган фикр чақмоқ нуридай урилди-ю, ўша заҳоти сўнди. Чунки Тенгиз шундай бўлган тақдирда ҳам оғир аҳволда қолмаслигини биларди. Бунга ўхшаш исёнларнинг ҳисоб-китобини қилиб қўйгани учун хотиржамлигини йўқотмади.

Қофқазлик тождор ўғрилар билан ҳазиллашиб бўлмаслигини билган «политбюро» аъзоларида Тенгизга қарши бир иш юритиш фикри йўқ эди. Улар фақат Бифштекс тақдирини ойдинлаштириб олмоқчи эдилар.

Тенгиз остона ҳатлаши билан Қўтос ўрнидан турди-да, унга пешвоз чиқди.
— Княз, сен хафа бўлма, фавқулодда ҳол бизни тўпланишга мажбур этди, — деди у, Тенгизга қўл узатиб.

Қофқазлик тождор ўғрилар ўзларининг келиб чиқишларини машҳур князларга боғлаганликлари учун асосий лақаблари қолиб, ҳурмат юзасидан уларга «княз» деб мурожаат қилиш ўғрилар оламида одат тусига кирган эди. Бу одат барча «княз»лар қаторида Тенгизга ҳам ёқар эди. Етти пушти олиймақом хонадонга йўламаса ҳам у ўзини чинакам княз ҳис қиларди. Қўтоснинг «княз» деб мурожаат қилиши эса вазиятнинг айтарли кескин эмаслигига далолат эди.

Тенгиз йиғилганлар билан бирма-бир кўришгач, тўрга ўтди. Қўтос унинг ёнига ўтирди. Тенгиз сигарет тутатгач, Қўтосга юзланди:
— Нима бўлди?
— Бизни Бифштекс қизиқтиряпти. У ҳамиша сенинг ёнингда бўларди?
— Ҳа, бўларди, — деди Тенгиз хотиржам равишда. Сўнг худди оддий бир хабарни эслагандай қўшиб қўйди: — Ўлмасидан илгари...
— Ўлдими? — Қўтос ажабланиб, тўпланганларга қараб олди. Улар ҳам ҳайратларини яширмай Тенгизга тикилишди. Лагер ҳаётида бировни ўлдириш, ёки итдай ўлиб кетиш айтарли ажабланарли ҳол эмас. Тождор ўғриларни ҳайратга солган нарса — яқин одамларининг ўлими тафсилотидан вақтида хабар топмаганларида эди. Агар шерикларига бу оламга бегона кимса қасд қилган бўлса, кечиктирмай жазолашлари шарт. Тенгиз уларнинг бу фикрини ҳам уқса-да, жавобга шошилмади. Сигаретни яна икки-уч, чуқур-чуқур тортиб, нафсини ором топтиргандан кейингина жавоб берди:
— Ҳа, ўлди. Бир мишиқини эплай олмади. Адабини бериб қўй, девдим, бир тепкини кўтара олмай ўлди. Бола бало экан.
— Ким? Сен уни ўлдирдингми? — Бу сафар Қўтоснинг овозида таҳдид сезилди.
— Айб у болада эмас.
— Кимлигини айт бизга!
— Билишга қизиқаётган бўлсаларинг айтаман: «Эшшак», Бубликка эгилмаган бола.
— Уни менга қўйиб беришинг керак эди?
— Бўлар иш бўлди энди. Мен синаб қўрдим — мард бола экан. Яхшилаб тарбия қилсанг зўр ўғри чиқади ундан. Аммо у энди у «еш-шак» эмас, номи «Ҳамзат» бўлади.
— Нега?
— Мен шуни хоҳладим.
— Княз, сен ҳаддингдан ошма! — Украина томонларда «Кошак» номи билан машҳур бўлган ўғри Тенгизнинг сўзини дағаллик билан узди: — Сен мусулмонингни ҳимоя қилиб, зўр йигитни ўлдиртириб юбординг!

Тенгиз сигаретини тутатиб, унга тутун орасидан кўзини сал қисиброқ қаради:
— Кошак, билмасанг билиб қўй: менинг диним ҳам, миллатим ҳам — ўғри! Қўтос, сен бунга тушунтириб қўй. — Тенгиз шундай деб ўрнидан турди. Остонага етганида тўхтаб, орқасига ўгирилди. — Кошак, билиб қўй, бу оламда фақат биттагина ўғри деган миллат бор. Бу миллат олдида бошқалари сариқ чақа. Агар шунга ақлинг етмаса, сен ўғри эмассан, мужиксан! — Тенгиз эшикни бир тепиб очди-да, ташқарига чиқди. Уч-тўрт қадам юриб, тўхтади. Унинг фикрича, ҳозир ортидан Қўтос чиқиб келиши лозим эди — янглишмади.
— Княз, сен хафа бўлма. Кошакка етадиган аҳмоқ бу дунёда кам топилади. Аҳмоқона гапларни кўп гапиради-ю, аммо юраги тоза бола. Кўнглида кири йўқ. Сенинг нима учун аччиқланганингни тушунмай ўтирибди, у аҳмоқ! Тушунганидан сўнг ўзи келиб сендан кечирим сўрайди.
— Хафа эмасман,— Тенгиз шундай деб жилмайди,— оиламизга бир-иккита шунақа довдир ҳам керак. Бўлмаса, яшашнинг қизиғи қолмайди.
— Тўғри айтасан. Унга шу ерларда чидаш мумкин. Озодликда бунга шерик бўлганнинг шўри қурийди.

Қўтос тўғри айтган эди — Кошак икки кундан сўнг Тенгиздан узр сўради. Ўзининг ҳам дунёда ягона ўғри миллатидан эканини баён қилди.

Ана ўша воқеадан бери «политбюро» энди расмий кенгашга чорланган эди. Олег «Гарбуз»нинг илтимосномасини ўқишдан аввалроқ Тенгиз, «политбюро»ни чақиришни режа қилиб қўйган эди. Кеча оқшомда қўлига етиб келган бир хабар уни «политбюро» билан маслаҳатлашишга ундаган эди.

«Политбюро» тўплангач, Тенгиз ўтирган ерида уларга бир-бир қараб чиқди.
— Князларим, — гарчи қофқазликлардан бошқалар бу номга даъво қилмасалар-да, Тенгиз уларга бўлган ҳурматининг баланд эканини билдириб қўйиш учун гапини шундай бошлади, — князларим, бугун биз икки муҳим масалада ягона қарорга келишимиз керак.

Тенгиз биринчи масала деб Олег «Гарбуз» илтимосини баён қилди. У гапини тугатмаёқ Кошак эътироз билдирди:
— Онаси ўн марта қайта туғса ҳам ундан ўғри чиқмайди, — деди у столга кафти билан уриб-уриб қўйиб. — Козел у! Бошқа гап йўқ! Тулада нима учун сувдан қуруқ чиққан? Козел эди! Промзона коменданти бизнинг одам эди. Ҳеч қанақанги қанжиқ-мусорларга алоқаси йўқ эди.
— Аниқ биласанми? — деб сўради Қўтос.
— Ўшанда мен Курскда эдим. Аниқ биламан.
— Мен «Гарбуз» деганини энди эшитяпман. Козел бўлса нима учун шу пайтгача жазосиз юрибди?
— Тутқич бермаётгандирда. Агар унга тож кийдирсак, ҳаммамиз расво бўламиз.
— Агар козел бўлса... агар айёр бўлса... — Тенгиз ўйланиб қолди. — Бошқа лагерларга ҳам шунақа хат ёзгандир? Тезда аниқлаш керак. Қўтос, ўзинг шуғуллан бу иш билан. Агар шундай қилган бўлса, бошига тож ўрнига сиртмоқ илиш керак. Илганда ҳам пинҳона эмас, шов-шув билан осиб ўлдириш керак. Бошқа козеллар ўзларини нима кутаётганини билиб қўйишсин. Биринчи масала — тамом! Энди иккинчиси — биз томонларга «Мурик» келаётган эмиш, — Тенгиз шундай деб ўтирганларга савол назари билан боқди.
— Мурик? Ким у? — деб сўради Қўтос.
— Билмайсизларми? — Тенгиз истеҳзоли жилмайиб, ён чўнтагидан бир варақ қоғоз олди.— «Чўмич»— Слава Галиулин. МУР1га хизмат қила бошлагани учун лақабини ўзгартириб, «Мурик» деб қўйишибди. Ма, ўқи, — у шундай деб, хатни Қўтосга узатди.

Қўтос мактубга кўз югуртириб, бош чайқади-да, сўнг овоз чиқариб ўқий бошлади:
— «Иркутск тсентралидаги ҳалол биродарларимизга саломлар бўлсин. Салом йўлловчилар — Псков лагеридаги ўғрилар — сизларга омонлик тилайдилар. Қадрдон ўғрилар, бу шошқич хатимиз билан сизларни огоҳ этамиз: биз билан «Чўмич» — Галиулин бирга бўлди. Билиб қўйингларки, у бизнинг пок ва муқаддас номимиз — ўғри номи билан яшириниб юрган бир қанжиқдир. Ҳа, билиб қўйинг, у ЎҒРИ эмас, у қанжиқдир! Ўғри номига иснод келтиргани учун уни фақат қанжиқ ёки АБЛАҲ деб аташ мумкин. Ўзини ҳурмат қилувчи ҳар бир ўғри, ҳар бир маҳбус у билан шу номига яраша муомалада бўлиши керак. Шу билан бирга барча қанжиқликлари учун жазосини олиши шарт! Яна билиб қўйингларки, Москвада ўғрилар қурултойи бўлиб ўтди ва Чўмичга нисбатан қарор қабул қилинди. Қарорга биноан, у ҚАНЖИҚ деб эълон қилинди. Москва пупкарларига хизмат қилгани учун унга «МУРИК» деб ном берилди. Уни қабул қилганларингда шу қарор ёддан кўтарилмасин.

Псковда биз олти ўғримиз: Като, Куёв, Йўлбарс, Сибир, Авлиё ва Олов барчаларингизга озодлик тилаб қоладилар».

Қўтос ўқишни якунламай, Кошак стол устига мушт уриб, тўнғиллади:
— Чўмич келиши билан менга берасанлар. У билан озгина ҳисоб-китобим бор.

Бу гапни эшитиб, Тенгиз унга тикилиб қолди.Сўнг кенгаш аъзоларига савол назари билан бир-бир қаради:
— Хўш, Мурикни Кошакка берамизми? — Тенгиз шу саволни ўртага ташлаб, сукут қилди.Ўтирганлардан садо чиқмагач, давом қилди: — Биз ўғриларнинг бир аҳмақлигимиз бор. Фақат ўзимизнинг ҳисоб-китобимиз билан қизиқамиз. Ўғриларнинг муқаддас олами билан эса, ишимиз йўқ. Оиламиз қанжиқлар билан тўлиб кетяптими, ириб кетяптими, сасиб кетяптими — ишимиз йўқ. Хўш, Кошак, Мурик сеники. Нима қиласан, ўлдирасанми?
— Қийнаб ўлдираман.
— Ана шу-да! Нима учун қанжиқлик қилган, нима учун қамалиб бу ёқларга юборилди? Билиш керакми? Гап шу: Мурик келаверсин. Юраверсин. Биз эса, гўё ҳеч нима билмаймиз. Биладиганимизни билиб олайлик, ана ундан кейин у Кошакники. Истаса ҳомича есин, истаса пишириб есин. Бошқа гап йўқ. Таклифларинг бўлса айтларинг.
— Таклиф бор, — деди Кошак тиржайиб. У мажлис қароридан мамнун эди, шу боис бир ҳазил қилгиси келди. Сўзлашга ижозат берилгач, ўрнидан туриб, ёқасини тузатган бўлди: — Ўртоқ коммунистлар, мажлисимиз номидан КПСС бош котиби Горбачга табрик телеграммаси юборсак.

Бу ҳазил тўмтоқ болта билан ўтин ёришни эслатсада, ўтирганлар Кошакка қараб жилмайиб қўйишди. Тенгиз ҳам кулимсираб, унинг бу ҳазилига якун ясади:
— Яхши таклиф. Телеграмма ёз-да, юмалоқ муҳр ўрнига нозик ерингни боса қол.

«Политбюро» мажлиси шу тарзда кулгу билан якунланди. Орадан тўрт кун ўтиб, Мурик ташриф буюрди. Унга қадар «лагер телетайпи» орқали Тенгиз муҳим маълумотлар олди.

Хиёнат

Матлуба эридан хат олиб келган йигитга бошдан-оёқ разм солди. Аввалига «қамоқда бирга ўтирганмикин?» деб ўйлади. Аммо хушрўй йигитнинг жилмайиб қарашида, ранги-рўйида қамоқнинг совуқ нафасидан асорат йўқ эди. Йигит «ичкарига киринг», деган таклифдан сўнг таранг қилмай, жувонга эргашди. Турсунали қамалишидан илгари, амал отини суриб жавлон ураётган маҳалларда бу уйни кўрган одам орадан бир йил ўтиб-ўтмай яна остона ҳатлаб ичкари қадам қўйгудай бўлса, «ёпирай, кеча ўғри уриб шип-шийдам қилган шекилли», деб ёқа ушлаши тайин эди. Кўзни қамаштирувчи гиламлар, қандиллару жавонлар энди йўқ. Матлуба эри қамоққа олиниб, мол-мулки хатга тушгунига қадар яширишга улгурганини яширди. Қолгани эса, мусодара қилинди. Уй хўжалик ихтиёрида бўлгани, Матлубанинг ўзи шу хўжаликда ишлаётгани учун тортиб олинмади. Янги директор инсоф қилиб, уларга «уйни бўшат», деб тиқилинч қилмай, янгисига жойлаша қолди.

Матлуба дардини кимга айтишни билмай, тўрт девор орасида тўрт боласи билан кун кечириб юрган эди. Давлат бойликни тортиб олгани билан Худо болаларнинг ризқини қиймас экан. Гиламсиз, биллур қандилсиз уйда ҳам яшаш мумкин экан. Дунёда тирик бева фақат у эмас экан. Тирик етимлар ҳам кўп экан. Эри қамалган хотиннинг жони чиқиб кета қолмас экан. Отаси қамалган болалар тақдирга тан бериб яшайверар экан, улғаяверар экан...

Қамоқ — жиноятчи учун жазо. Бу дунёда жиноятга даҳли йўқ одамлар учун ҳам жазо бор экан. Балки ҳаром луқмага шерик бўлгани учун бундай жазо жоиздир? Матлуба буни билмайди. Бу ҳақда ўйлаб ҳам кўрмаган. Бунга кейинроқ ақли етади. Ҳозир билгани — қўлидаги хатда ёзилган гаплар... Яъни ҳар ойда «солиқ» тўлаб туриш.

Матлуба хатни тўрт марта ўқиб чиқса ҳам тушунмади. Йигитга савол назари билан тикилиб қолди.
— Чексам майлими? — деб сўради йигит ҳотиржам равишда. У жувоннинг ҳайрат исканжасида эканини билиб турса-да, парво қилмади. Уй бекаси бош ирғаб «чекаверинг» дегач, лабига сигарет қистирди. Аммо ўт олдирмай туриб сўради: — Тинчликми? Нима деб ёзибдилар?
— Нима деб ёзилганни... билмайсизми?
— Мен бировнинг хатини ўқимайман, — йигит шундай деб сигаретини тутатди.
— Хатни ўз қўллари билан ёзиб сизга бердиларми?
— Йўқ. Менга биродарларим келтиришди. Мен эрингизни танимайман. Менинг вазифам — холис хизмат.
— Солиқни... сизга тўлайманми?
— Ҳа, солиқними? — Йигит жилмайди. — Ҳозирча менга. Мен келолмасам бошқа одамни юборишади.
— Юборишади? Ким юборади?
— Буни билишингиз шарт эмас.
— Мен... тушунолмаяпман?
— Тушунолмаяпман? Майли, яхши хотинга ўхшайсиз, сизга тушунтириб бера қолай: сизга эр керакми? Ҳа, албатта керак. Сизга эр керак бўлмаса ҳам болаларингизга ота керак. Демак, у қамоқдан соғ-саломат қайтиши шарт. Қамоқда эса, опагинам, кўп одамлар бекордан бекорга ўлиб кетади. Бировлар битта кичкинагина тошга қоқилиб ҳам ўлиб кетар экан. Бахтсиз ҳодисалар кўп-да. Қамоқдаги биродарларимиз эрингизни ҳимоя қилишади. Унинг битта туки ҳам бекорга тўкилмайди. Сиз «солиқ» деяпсиз-у, аслида ундай эмас. Бу хизмат ҳақи. Ҳукумат қоровулларга ҳам маош тўлайдику, тўғрими? Ана, сиз ҳам шунақа тўлайсиз-да.
— Қанчадан тўлайман?

Йигит дарров жавоб бермади. Тутатиб бўлгач, кулдон ўрнига қўйилган ликопчага сигарет қолдиғини босиб эзди-да, тўланажак хизмат ҳақи миқдорини айтди. Буни эшитиб, Матлуба бир сесканди. «Хато эшитмадимми?» деб, сўради:
— Бир йилгами?
— Эрингизнинг жонини ҳурмат қилмас экансиз, опагинам. Ҳар ойда тўлайсиз. Балки уч ойлигини, балки ярим йиллигини қўшиб олдиндан тўларсиз. Олдиндан тўласангиз, бир оз камайтирамиз, буни ўзаро келишиб оламиз.
— Менда бунча пул йўқ... Топганим болаларим...
— Опагинам, сиз топган пулингизни болаларингизга ишлатаверинг. Сиз бизга эрингиздан қолганидан чўтал бериб турсангиз етади.
— Эримдан... ҳеч нарса қолмаган... Бори шу — кўриб турганингиз. Давлат ҳаммасини тортиб олди.
— Давлатга туҳмат қилманг. Бизнинг давлат, опагинам, одил давлат! Билмасангиз билиб олинг. Ҳеч қачон ҳаммасини тортиб олмайди. У-буни яшириб олишга имкон беради. Тўртта болангиз бор, а?
— Ҳа... — Матлубанинг кўнглига ёмон фикр келиб, қўрқиб кетди: — Нимага сўраяпсиз?
— Шунчаки қизиқдим. Улар ҳам оталари қайтгунича соғ-саломат юришлари шарт. Ота қамоқдан қайт-са-ю...
— Болаларимга тегманг! — Матлуба беихтиёр шундай деб бақириб юборди. Муштлари ўз-ўзидан тугилди.
— Опагинам, ўзингизни босинг. Бизлар одамхўр эмасмиз. Биз сиз берган хизмат ҳақи эвазига ўзингизни ҳам, болаларингизни ҳам ҳимоя қиламиз. Пул кетса кетсин, жон кетмасин. Менинг яна ярим соат вақтим бор. Биринчи хизмат ҳақини бугун олиб кетишим керак.
— Ҳозир йўқ менда бунақа пул.
— Сиздан ҳозироқ талаб қилаётганим йўқ. Ярим соат вақтим бор, деяпман-ку? Бўла қолинг, қимирланг.

Бу гапдан кейин ҳам Матлуба бир неча дақиқа ҳаракатсиз турди. Йигит эса, бошқа гапга ҳожат йўқ, дегандай индамасдан ўтираверди. Матлуба «Ярим соат вақти бўлса кўчага чиқиб, машинасида ўтира қолмайдими?» деган фикрда унга қараб-қараб қўйди.

У «уйда пулим йўқ» деб ёлғон сўзлаган эди. Аслида эса, «бирор кунимга асқотар» деган умидда яшириб қўйгани бор эди. Аммо бу йигит шундай ялпайиб ўтираверса, у қандай қилиб олади? Ундан ташқари бу йигитнинг айтганлари шунчаки пўписами ё жиддий-ми — ҳали тўла фарқига боролгани йўқ. Дастлаб бу йигит кўзига ҳушрўй кўриниб эди. Эндиги ўтириши эса... «Ҳе, гўлаймай ўл!» деб ичида қарғади.
— Ярим соат... Бировдан сўраб топгунимча... Бир-икки кундан кейин келсангиз... топиб қўярдим.
— Келиб-кетиш осон эканми? Мен аммангизнинг қишлоғидан келганим йўқ. Хўп, майли, бир-икки кундан кейин мен келмайман. Ўзингиз борасиз.
— Ўзим бораман? Қаёққа?
— Баҳонада адангизни кўриб келарсиз?
— Адамни... биласизми?

Йигит истеҳзо билан кулди.
— Лақма хотин экансиз. Уйингизни тўғри топиб келган одам адангизнинг икки йилдан бери палаж бўлиб ётганини билмайдими? Хуллас, икки кундан кейин адангизникида кўришамиз. Исмим Хурсанали, сиз ишлаётган совхознинг ҳисобчисиман. Тушундингизми? Бизнинг сиз билан бўладиган ҳисоб-китобимизни биров билмаса фақат ўзингизга фойда. Милисадан умид қилманг. Милиса сизга эмас, бизга хизмат қилади. Биз сизга ўхшаганлардан хизмат ҳақи тўплаб, ҳатто ўша Масковдаги генералларгача боқамиз. Шуни унутмасангиз бўлгани. Сиз билан биз энди бегона эмасмиз. Ҳа, айтмоқчи, бизда «бир-икки кун сабр қилинг», деган гап бўлмайди. Бир сафар майли, кечираман. Бундан кейин ҳар бир кун учун юз қўшилади. Ақл билан иш юритсангиз ҳамёнингиз зарар кўрмайди. Эрингиз унда тинч, сиз бунда бола-чақаларингиз билан тинчсиз. Худо бераман, деса шу-да!

Йигит ўрнидан туриб, эшик сари юрди. Остонага етгач, орқасига ўгирилди:
— Меҳмондўст эмас экансиз. Майли, хафа бўлмайман. Ош-чойга қарздорсиз, унутманг, — ўзини Хурсанали деб атаган йигит бир жилмайиб қўйгач, ташқарига чиқди.

Матлуба унга хайр ҳам демади, кузатиш учун остона ҳам ҳатламади.

Йигитнинг ҳудди бало чақинидай келиб-кетиши унинг хушини олди. «Турсунали акамдан хат олиб келдим», деб жилмайганида истаралигина бўлиб кўринган эди. «Ош-чойга қарздорсиз», деб чиқаётганида кўзига исқирт бир суллоҳ бўлиб кўринди. «Ким ўзи бу? — деб ўйлади Матлуба. — Ўғри десам, ўғрига ўхшамайди. Башараси бип-бинойи. Балки чўнтаккесардир ё каллакесармикин? Унақага ҳам ўхшамайди. Ё адаси мени синаб кўрмоқчи бўлиб бирор танишини ишга солдимикан? Э, йўқ. Шунақасига синайдими? Синагиси келса, «менга вафо қиладими-йўқми?» деб синар. Ўзига ўхшаган биронта шилқимни юборар. Менга илмоқ ташлатиб кўрар... Э йўқ... Қоранг ўчгур Нафисаси билан шармандаси чиққанидан кейин мендан вафо талаб қилиб гўрга борсинми?..»

Нафисанинг номи эсига тушиб, баттар тутоқиб кетди. Стол устида турган пиёлани олиб деворга қарата отди. Пиёла деворга тегиб ҳам, тахта устига тушиб ҳам синмади.
— Ҳу кўзларинг гўрда чирисин!

Бу қарғишни овоз чиқариб айтди. Назарида Нафиса ишвали кўзларини сузиб қараб тургандай бўлди. Бир қарғиш билан юрагидаги дард кўтарилмай, иккинчисини айтди:
— Афт-башаранг гўрда илон-чиёнларга ем бўлмаса, рози эмасман!

О, аёл қалби! Дунёда мавжуд барча фожиалар сел бўлиб ёпирилса чидар-у, аммо эрининг хиёнатига сира-сира чидай олмас! Айниқса, бу хиёнат ўз уйида, ўз тўшагида содир этилса, юракда ёна бошлаган оловни ҳеч нима ўчира олмас.

Эрининг хиёнаткор бузуқ экани Матлубага кўпдан маълум эди. Ҳали бу «қоранг ўчгур Нафиса» пайдо бўлмаёқ, бир унга, бир бунга шўнғиб юришидан гумон қиларди. Гумони исбот топганида жанжал кўтараман, деди-ю, эплай олмади. «Чидасанг шу, — деди эри. — Мен сенга ялиниб уйланмаганман, ўзинг хуштор бўлиб теккансан. Мен битта хотинга қаноат қиладиган эркаклардан эмасман. Кўнглинг совуган бўлса, ана, орани очиқ қилгину отангникига жўнайвер. райкомга додвой деб борасанми, ундан наригами, менга барибир. Мендан олса амалини олади. Сен эса, эрдан айриласан. Иккита бола билан сени биров олармикан? Менга тегишда отангнинг розилигини олмагансан. Кетсанг, отангникига ҳам сиғмайсан. Ундан кўра нафасингни чиқармай яшайвер... Сен хотинимсан. Улар бир ўйнаш. Сен билан улар орасида катта фарқ бор. Шуни тушунсанг бўлди».

Эри ҳақ гапни айтган эди.

Матлубанинг Турсуналига ошиқ бўлгани рост. Хатлар ёзгани, шеърлар тўқигани ҳам рост. Келишган, чиройли йигитни ундан бошқалар ҳам яхши кўришар эди. Йигит чиройли бўлса, устига устак амалдор отаси чўнтагидаги пулни аритмай турса, хушторлар саноғига етиш мушкул. Аммо Матлубанинг юрагидаги олов ҳамманикидан кучлироқ эди. Кейин-кейин Матлуба ўша дамларни эслаганидан «юрагим ёнмай, чирибгина кетса бўлмасмиди, уни яхши кўрмай ўлиб қўя қолсам минг марта яхши эди-я!» дейдиган бўлди.

Тақдир қалами ёзуғини ёзиб бўлганидан кейин бундай надоматлардан не фойда? Ўша кезлари Одам ато билан Момо Ҳавонинг нима сабабдан жаннатдан ҳайдалганларини билсами эди, эс-ҳушини сал йиғиштириб олармиди...

Олдингилари, эри айтганидай, нафс балосини қондирувчи вақтинчалик ўйнашлар экан. Эри уларга қаттиқ боғланмаган эди. «ғаркўзинг гўрда чиригур Нафиса» ёмон чиқди. Эрини ўзига тамомила қарам қилиб олди. Эри авваллари ўйнашга боргани билан уни унутмасди, кўнглини овлаб турарди. Эрининг хиёнаткорлиги ошкор бўлганидан кейин ҳам Матлуба икки фарзанд кўрди. Аммо «жувонмарг бўлгур Нафиса»га илакишгач, эр экани тамоман эсидан чиқди. Матлубанинг ўриндаги ноз-карашмаларига ҳам эътибор бермай қўйди. Бир куни «ёшингга қараб қилиқ қил», деб ўрнидан туриб кетгач, Матлуба тирик бева бўлиб қолганини англади.

«Ёшингга қараб қилиқ қил...» Ўшанда Матлуба ҳали ўттиз учга кирмаган эди... Ҳозир қирқнинг остонасида. Ўшандан бери эр нималигини унутаёзган.

Дарди зўр... Аммо дардкаши йўқ... Дарди ичида.

Фақат бир марта «портлади». Портламаса бўлмас эди...

Шаҳарга бориши лозим эди. Бироқ оёғи тортмай кўнгли хижил бўлиб раён марказиданоқ изига қайтди. Қараса-ки, куппа-кундузи эри «қон қусгур Нафиса» билан бир аҳволда... болалар мактабдан келиб қолади, деб хавотир ҳам олишмабди...

Матлуба ҳали-ҳали тушунмайди: совхознинг номи «меҳмонхона», аслида эса фоҳишахона вазифасини бажарувчи жойи бор. Эри нима номаъқул нарса еса, ўша ерда ерди. Уйга олиб келгани нимаси у ювиқсизни?! Эри жанжаллашиб ўтирмади. Нафисани юлдиришга ҳам қўймади. «Унингни ўчир», дедию ўйнашини олиб чиқиб кетди.

Матлуба эса... ўйлай-ўйлай, ахийри улар ётган ўрин-тўшакни ҳовли ўртасига уйиб, ёқди. Бу билан ҳам ҳовури босилмагач, каравотни ҳам ёқди.

Болалар кўрқувда жовдирашади.

Қўшнилар ҳайрон...

Фақат Турсунали ҳайрон бўлмади. Эртасига югурдаклари юк машинасида яп-янги каравот ташлаб кетишди.

Ҳаромдан қайтмайдиган ана шу эр қамалиб, пешонаси деворга теккач, кўзи очилганмикин? Оиладан кўра ўйнашнинг карашмасини афзал билган эр «хотиним менга вафо қиляптими?» деб ўйлаяптимикин? Шундай деб ўйлашга ҳаққи борми?

Вафо қилмайдиган хотин эрининг қамалиб кетишини кутиб ўтирар эканми? Эрининг бузуқлик дарёсига шўнғиганини билгани ҳамон бу дарёга ўзини отмасмиди?

Хатида «вафодорим» дебди...

Вафодорим?

Матлубанинг хаёлига бир фикр урилиб, чангалида ғижимланиб турган қоғозни шошиб текислади:

«Ҳа, «вафодорим» дебди. Қизиқ, исмимни ёзмабди. Менга ҳеч бундай демаган. Яхши кунларда ҳам демаган. Анави ер еткурни айтган бўлиши мумкин. Тўхта, тўхта... Балки бу хат ўшанга ёзилгандир. У ҳароми эса, менга жўнатган бўлса-чи? Бояги турқи совуқ унинг хушторидир балки?..»

Шунга ўхшаш фикрлар қуйилиб келавериб, Матлубанинг боши оғриқдан зириллай бошлади. Сўнг шу оғриқ баҳона бўлиб, ҳўнграб йиғлаб юборди. У эрини ҳибсга олишганда ҳам, суд ҳукми ўқилганда ҳам йиғламаган эди. Тўғри, юраги ёмон увишиб эди. Аммо дўст-душман унинг кўзларида нам кўрмаган эди. Биров «душманлар олдида паст кетмади, йиғламагани яхши бўлди», деса, бошқалар «бунча без экан бу хотин? Ҳеч бўлмаса кипригини тупуги билан ҳўлласа-чи, энди эрини яна кўрадими йўқми?» дейишган эди.

Юраги фарёд чекмаса, кўзларига ёш келмаса, нима қилсин? Йиғининг фурсати шу кунга белгиланган экан, астойдил йиғлаш учун эрнинг қамалиши баҳона бўлолмас экан, хотин киши ўзининг хорланганини ҳис қилса, бас экан. Айни дамда Матлуба хорланиш куйининг авж пардага кўтарилганини фаҳмлади. Дақиқалар ўтгани сайин у «мактуб» кўзгинанг тешилгур Нафиса»га йўлланган-у, у жувонмарг макр ишлатиб, хушторини бу ёққа жўнатган», деган фикрига астойдил ишона бошлади. Бу фикр тез орада мутлақ ҳокимлик шоҳ-супасини эгаллаб, қолган барча хаёлларни қува кетди.

Ягона фикрга маҳкум бўлгач, бу зуғумдан қутулиш, қутулишгина эмас, қарши ҳужумга ўтиб, Қанимини яксон қилиш чораларини излай бошлади. Донишманд аҳлининг «жоҳилга ҳилм ила муносабатда бўл», деган насиҳатларига эркаклар амал қиларлар-у, бироқ ўч олиш қасдида ёнаётган аёл икки дунёда қулоқ солмас. Бу соҳада аёлларнинг ягона шиори — «макрга макр қиличи билан ҳамла қилмоқ керак!»

Алам ўтида ёнаётган Матлуба макр бобида кундошидан орқада эканини тан олди. Бировнинг эрини ўзига ром қилган маккорага пул ундириб олиш қийин иш эканми? Матлуба «уйинг куйгур Нафиса» ишлатган ёки режа қилаётган хийлалар ҳақида ўйлай бошлади.

Қамоқда эрининг Тенгиз исмли ўғрибошига йўлиққанини у бечора қайдан билсин? Яхшики у кундошининг кўз очиб кўрганини соғиниб Сибирга отланаётганини, эрини лақиллатиб кетиш учун баҳона ахтараётганини билмайди. Билсами, ҳозирги аҳволини туташ десак, гуриллаб ёна бошлашнинг қандай бўлишини тасаввур қилаверинг. Яхшики, Тангри бандаларини кўп нарсалардан бехабар қилиб яратган. Акси бўлгандамиди эди, дунё хотинларнинг ғалвасидан бўшамай қолармиди, валлоҳи аълам!

Матлуба оғриқ зўриданми ё қоронғу халтакўчада милт этган нур тополмай гангиб эзилганиданми, бошини чангаллаб ўтирди. Мактабдан қайтган катта қизи бу аҳволдаги онасини чўчитиб юбормаслик учун паст овозда салом берди. Онаси алик олмагач, елкасидан қучоқлади. Матлуба уни қучиб, энди унсиз фарёд чекди. Эрининг хурмача қилиқларидан безган дамларида баъзан «бу дунёда яшаб нима қилдим?» деган хаёлга ҳам борарди. Ана шу бадбинлик кўчасида ивирсиб қолганида Худонинг ўзи ёмон йўлдан қайтарарди — кўзига болалари кўринарди. Уч йил муқаддам ўнгида қилолмаган иши тушида содир бўлди — ўзини ёқди! Ана шунда бўзлаётган болаларини кўриб, ўзи ҳам бақириб юборди. Бор овози билан бақиргани учун ўзининг овозидан қўрқиб уйғониб кетди. Ўшанда тўнғич қизи ҳам уйғониб, онасини қучоқлаб олган эди. Бу дунёда уни ушлаб турган занжир шу фарзандлари. Шу топгача оталик меҳрини бермаган «зорманда эр» касрига энди булар ҳам азоб чекишлари керакми?

Қизини қучоқлаб ўтирган Матлуба шуни ўйлаб, юраги эзилиб «бундан кўра отиб ташлашганлари минг марта яхши эди», деб ўйлади. Қизи эса, онаси маъюсланиб қолганида «адамларни ўйлаб сиқиляптилар» деб ўйлаб, хафалик сабабини сира сўрамасди. Ўн олтига етиб қолган қизи Матлубанинг бахтига ғоят ақлли эди. У ҳатто кўчада отаси ҳақида миш-мишларни эшитганида ҳам дардини ичига ютарди-ю, онасига билдирмасди. Кўрпа-тўшаклар нима сабабдан ёқилганига фаҳми етгани учун ҳам бу хонадонда яшаш онаси учун ғоят азобли эканини биларди. Билгани учун ҳам онасига суянчиқ бўлишга интиларди. Лекин онасига қандай суянчиқ бўла олишига болаларча ақли етмасди. Ҳозир ҳам онасини қучган ҳолда нимадир деб уни юпатгиси келди. Аммо ўша «нимадир»ни тополмасди, айтолмасди.


Қизининг шу тарзда қучоқлаши ҳам Матлуба учун зўр далда эди. У чуқур нафас олиб, хўрсиниқни нари ҳайдади. Қизининг пешонасидан ўпди-да:
— Насиба, жон қизим, Зилолани боқчадан вақтлироқ олиб кела қол. Майдонга қараб ўт: Шоҳруҳ тўп тепгани чиқиб кетувди. Ҳаммаёғини расво қилмасин, Фарруҳ қани, нима учун биргалашиб келмадиларинг?— деди.
— Фарруҳ ўртоғидан китоб олиши керак экан, ҳозир келади.

Насиба шундай деб онаси буюрган вазифани бажариш учун чиқди. Қизи чиқиши билан Матлуба аввалги ҳолатига қайтди. Орадан беш-олти дақиқа ўтмай, ўғли эшикдан аста мўралади. Китоб-дафтарини қўйиб, кўчани мўлжаллаганида Матлуба уни чақириб, «Вали акангни чақириб кел», деб буюрди.

Валижон — беш уй нарида турувчи йигит. Билганлар уни «Турсуналининг мулозими», дейди, билмаганлар эса «директорнинг шопури» дейишади. Ким нима деса десин, аммо Валижон хожасига бағоят содиқ эди. Турсуналига қўшиб уч кун қамаб қўйишганда ҳам хожасининг сирларини очмади. Суддан кейин эса хотини билан биргаликда чиқиб, Матлуба янгасига далда берган, «нима хизмат бўлса, тортинмай айтаверинг. Акам қайтгунларича сизга укаман», деган эди.

Матлубанинг унга буюрадиган хизмати йўқ эди. Шу боис кўчада рўпара келганида саломлашарди-ю, ортиқча гап айтмас эди. Шу сабабли янгасининг йўқлови Валижонни шошириб қўйди. Томорқадаги ишини йиғиштириб, қўл-бетини чала-ярим ювгач, хожасининг уйига шошилди. Ичкари кириб ҳол-аҳвол сўрашга улгурмай, янгасидан кутилмаган саволни эшитиб довдираб қолди.
— Аканг бойликларини қаерга яширган?

Бундай саволни терговчи қайта-қайта сўраган, ҳар сафар «билмайман» деган жавобни эшитавергач, ахийри тутақиб, роса дўппослаган эди. Энди эса, янгаси худди ўша терговчига ўхшаб сўраяпти. Ёлғон пўписа қиляптимикин деса, оҳанги анча жиддий.
— Сиз билмасангиз... мен билмайман, опа.
— Сен гўрни ҳам биласан, айт.
— Ахир опа, мен оддий бир шопур бўлсам...
— Сен шопур эмас, қўшмачисан! Акангга қўшиб сени ҳам қўшмазор қилиш керак эди.
— Унақа деманг, опа, болаларим бор.
— Сенда бор бола, бошқаларда йўқми? Ма, ўқи! Аммо бировга ғинг дея кўрма.

Матлуба шундай деб хатни узатди. Валижон ўқиб чиққач, «мен нима қилай?!» деган савол назари билан қаради.
— Мен ҳар ойда пулни қаердан оламан? Сен қўшмачи ҳамма балони биласан. Аканг топганининг юздан бирини уйга олиб келарди. Қолгани қаерда? Ё топасан, ё болаларингни гаровга қўйдираман. Қамоқдан битта каллакесар келган. Унга сени рўпара қиламану ҳолингни кўриб туравераман.
— Худо хайрингизни берсин, жон опа! Ундай қилманг, опажон! Менда нима гуноҳ? Тўғри, маишатларини билардим. Аммо пулга кўзим тушмаган сира. Алдаётган бўлсам — Худо урсин! — Валижон шундай деб йиғламсирай бошлади.
— Пиқиллама, эркак ҳам йиғлайдими? Менга анави бузуқнинг қаердалигини айт ҳозир.
— Қайси... бузуқ?
— Ўзингни гўликка солма! Жувонмарг Нафисани айтяпман!

У шаҳарда яшайди-да.
— Шаҳардалигини биламан. Қайси кўчада, қайси уйда? Тирик бўлса уйини айт, ўлган бўлса гўрини айт.
— Кўчасининг номини билмайман, опа. Метронинг охирига етгандан кейин озгина юрилса меҳмонхона келади. Кейин ўнгга. Тўрт қаватли иморат.
— Мени бошлаб борасан ўша ишратхонага.
— Хўп, опажон, эртага, ишдан сўраб келаман.
— Ҳозир жўнаймиз.
— Ие, ахир...
— Сенга «ҳозир жўнаймиз», дедим. Бор, чорак соатда тайёр бўлиб чиқ.

Валижонни чақиртиришидан асл мақсади ҳам шу эди. «Акангнинг бойлиги қаерда?» деб сўроққа тутиши йигитни эгиб олиш учунгина эди. Шундай қилмаса, у ё Нафисанинг турар жойини яширарди, ё олиб бориб кўрсатишни пайсалга соларди. Ёки «акасининг севимли ёш хотинини» огоҳлантириб қўйиши ҳам мумкин эди. Шуларни назарда тутиб, Матлуба у билан ўзига хос бўлмаган дағал оҳангда гаплашди. Янгасидан бундай муомалани кутмаган Валижон чиндан ҳам қўрқди. Айниқса, «болаларингни гаровга қўйдираман», деган гапига ишониб, эси тескари бўлиб кетай деди. Йиғиси ҳам ёлғон эмас, рост эди. Бир томонда қама-қама авжига чиққан, яна бир томонда машина ўғирлаш тиш кавагини кавлашдай осон бўлиб қолган, одамлар эса, тўппа-тўсатдан йўқолаётган замонда оддий пўписа ҳам ҳақиқат кўринишини олади. У хожасининг баъзи сирларини билади. Бироқ пул бор-йўқлиги, яширилган-яширилмаганидан бехабар эди. Билганида ҳозирги пўписадан сўнг шарт айтворарди. Тўғри, у калтафаҳм эмас, хожасининг айрим ҳаракатларидан бир нарсани сезгандай бўларди. Айниқса, қама-қамалар довули бошланган, бироқ, уларнинг вилоятларига етмай турибоқ, хожаси ғимирлаб қолган эди. Уч-тўрт марта заргарлик дўконларига кириб чиққанида «ўйнашларга совға-салом оляптилар, акагинам», деб ўйлаган эди. Идорада ўтирган «акагинаси»нинг қўлларига кишан солиб олиб чиқишгандан сўнг совға-салом олинмагани, қоғоз пуллар тиллага айлантирилганини англаб етди.

Кундошлар

Дунё ҳам ажойиботларга бой. «Яхши бузоқ икки онани эмади», деганларидек, айрим мамлакатларнинг бир эмас, иккита раҳбари бўлади. Бирини «қонуний президент», дейдилар. Ҳалолми, ғирром йўл билан-ми — ҳарҳолда сайланади. Бу раҳбарни ёқтирмаганлар ўзларини «мухолифот», деб эълон қиладилару биронта хориж юртга бориб, ўзларига ёққан одамни «муваққат тахтга» ўтқазадилар. Бу энди «норасмий президент» бўлади. Бу ҳолат кичикроқ доирага келтирилса, яъни оила деб аталмиш ўзига хос «мамлакат»га қиёсланса, кундошларни эслатади. Шунга кўра, Матлуба «қонуний президент» дейилса, Нафисани «норасмий бошлиқ» деб аташ мумкин бўлар? Баъзан холис бир куч уларни муросага келтиришга уринади. Ўртада тахт масаласи турганда уларнинг муросага келмоқлари ит ила мушукнинг иттифоқини эслатади, халос.

Матлуба билан Нафиса орасида тахт муаммоси йўқ. Бироқ, орада тахтдан ҳам муҳимроқ масала, талашса арзигулик нарса бор. Одамга нисбатан «нарса» сўзини ишлатиш ноўрин, лекин икки аёл — бири «қонуний», иккинчиси «норасмий» хотин бир эркакни худди «нарса» каби талашадилар. Агар холис бир куч — жаллод ўртага чиқиб, «унга ҳам бўлмасин, сенга ҳам бўлмасин, калласини узиб ташлай қолай», деса иккала хотиннинг бу таклифга кўниши тайин. Эр ўлса-ўлиб кетаверсин, бирови эгалик қилиб олмаса, бас. Эр бировнинг тўшагидан кўра лаҳадда ётса минг карра аъло! «Майли, шу эрим кундошимга бўла қолсин», дейдиган хотин топилгудек бўлса, дунёдаги қаҳрамон аёллардан бири бўлади. Шоирлар унга бағишлаб қасидалар ёзадилар. Бунақа хотин шоир зотига ҳам ёқади-да...

Матлуба «холис куч» — Валижон ҳамроҳлигида кундоши билан иттифоқ тузиш учун эмас, юзма-юз «жанг»га кириш учун борар эди. Вилоят марказига етганларида бошкентга борувчи сўнгги автобус ҳам жўнаб кетган экан. Ортга қайтишни маъқул кўрмай, чиқим сал кўпроқ бўлса ҳам, йўловчи машинага ўтирдилар. Йўл-йўлакай чурқ этмасдан кетдилар. Иккови ҳам гаплашадиган аҳволда эмас эди. Матлубанинг хаёли бўлажак «олишув» режалари билан банд эди. Валижон эса кутилмаган бу офатдан қутулиш чораларини изларди.

Нафисанинг уйига етиб боришганда шаҳар қоронғулик чодирида ором олишга ҳозир эди. Тўрт қаватли бино яқинида тўхтаган Валижон:
— Ухлаб қолишмаганмикин? — деб Матлубага юзланди.
— Ухласа ухлар, ўлиб қолишмагандир? — деди Матлуба зарда билан.

Валижон «гапим ёқмади шекилли», деб ўйлади. Аслида эса, Матлуба бўлажак учрашувни ўйлаб, асабийлашиб турган эди. Валижон бу саволи билан қизиб, чўққа айланган темир устига сув сачратгандек бўлди.

Эшикни Нафисанинг эри Самандар очди. Матлубани кўриб, аввалига ажабланди. Бир неча сониялик тараддуддан сўнг эса, орзиқиб кутган меҳмонига етишган бахтиёр мезбон қиёфасига кириб, жилмайди.
— О, Матлубахоним! Саломлар, саломларим бўлсин! Қаранг, ниятнинг холислигини, бугун ўйлаб турувдим. Аслида бизлар одам эмас, бемеҳр динозаврлармиз. Сизни би-ир йўқлаб қўйишга арзимадик. Лекин сиз ҳамиша биз билан биргасиз.

Матлуба қошу-киприкларигача малла бўлган Самандарнинг гапларига эътибор бермай, белига боғлаб олган гулдор пешбандга ажабланиб қараб олди. Самандар бу қарашнинг маъносини англаб, хижолатлик билан изоҳ берди:
— Ошхонада... озгина хизмат бор экан.
— Хотинингиз... йўқми уйда? — деди Матлуба, ичкарига ўғринча назар ташлаб.
— Бор. Уйда... Ие, нега остонада турибсизлар? Қани, Матлубахоним, ичкарига марҳамат, — Самандар шундай дегач орқасига чекиниб, йўл бўшатди-да, бошини буриб, хотинини чақирди:
— Нафис, жоним, бу ёққа қаранг. Азиз меҳмонлар келишди.

Матлуба даҳлизга ўтиб, пояфзалини ечишга шошилмади. Довдираган Валижон эса, киришни ҳам, орқасига қайтиб кетишни ҳам билмай остона ортида тураверди. У вазифасини адо этиб бўлган эди. Аммо «болаларини гаровга қўйишга» қодир бу хотиндан ижозатсиз кета олмасди.

Эрининг ҳаяжонли овозини эшитган Нафиса ҳаялламади. Ичкари хонага олиб кирувчи эшикни очди-ю, даҳлизда турган кундошини кўриб тошдек қотди. Улар уйдаги ўша шармандали тўқнашувдан сўнг юзма-юз учрашишмаган эди. Нафиса ўйнаши қамалганидан сўнг кундоши билан бу ҳолда, ўз уйида учрашиши мумкинлигини ўйлаб ҳам кўрмаган эди. «Нимага келди экан, бу хотин», деган саволга жавоб излаб, остонада шумшайиб турган Валижонга қараб олди. Валижон бу қарашнинг маъносини уқиб «Худо урсин, билмайман», дегандай елка қисди.

Матлуба уларнинг бу ишораларини сезиб, кундошидан кўз узмаган ҳолда:
— Вали, сен кетавер, — деди.

Бу ижозат Валижоннинг юзига урилган тарсакидай бўлди. Оҳ, шу пайтда хожасининг қадри ўтди-я! Хожаси бунақа пайтда ҳотамтой бўлиб, ичкарига олиб кирарди, қорнини тўйғизарди-да, «фалон пайтгача бўшсан», дерди. Ана шунда Валижон ҳам айшини суриб оларди. Хўжайиннинг ўйнашидай бўлмаса-да, унда ҳам ўзига ярашуқли эркалагувчилари бор эди... Э, у доруламон замонлар беқарор шамолдайин ўтди-ю кетди. Энди хўжайин қамоқда, у эса, остонада эгасиз қолган итдай шумшайиб турибди.

«Кетавер», дейди. «Бу бегона шаҳарда қоронғуда қайга ҳам боради», деймайди» Валижон шу аламли фикр билан бурилганда «норасмий янгаси» жонига аро кирди:
— Валижон ака, киринг, овқат тайёр-а...
— Вали, боравер, болаларинг кутиб қолди.

Аввалгиси таклиф эди, буниси эса буйруқ. Буйруқдан эса қўрққулик. Валижон турган ерида «норасмий янгаси»га енгил таъзим қилди-да, орқасига ўгирилди.
— Валижон ака, киринг...

Кириш у ёқда турсин, энди тўхтаса, орқасига ўгирилса, балога қолиши тайин, шу сабабли таклифни эшитмагандай зинапоя томон шошилди.

Самандар буларнинг кундош эканини билса-да, дардини ичига ютиб, ўзини гўё ҳеч нимадан хабари йўқ одамдай кўрсатишга интиларди. Ошнасининг марҳамат қилиб, ўз ўйнашига уйлантириб қўйганини тўйдан кейин фаҳмлаган, ўшанда Нафисани ташлаб кетай ҳам деган, аммо «Энди менга ким ҳам тегарди», деб тақдирга тан берган эди. Айниқса, бу уйнинг инъом этилиши унинг кўп муаммоларини ҳал этган эди. У илмий сафарларда кўп бўларди. Баъзан икки-уч ҳафталаб қолиб кетарди. Уйда йўқлигида ошнасининг сер-қатнов бўлишини сезиб бир қайнарди-ю, сўнг совурди.

Ҳозир Матлубанинг ташрифи замирида нохушлик ётганини сезди. Кундошларнинг бир-бирларига тикилиб қолишганини вулқон арафасидаги сукунат деб билиб, портлаш юз бермасидан ўзини четга олишни маъқул кўрди. Қайси эркак икки хотиннинг (айниқса кундошларнинг) орасига тушиб, барака топибди-ки, Самандар топсин? Бир куни юраги сиқилиб кетган Нафиса «Сиз илмдан бошқа нарсани ҳам биласизми?» деб зорланганида Самандар «Мен ҳаётни ҳам биламан», деб жавоб қайтарган эди. Мана айни дамда ўзи билган ҳаёт қоидасига амал қилиб, сузишмоққа шайланаётган икки кундошдан нари бўлишни истади:
— Ҳа, Нафис, сиз меҳмонга қаранг, мен ишларимни тугата қолай, — деб ошхонага кирди.

Шу онда Нафисанинг ортида отаси кўринди. Мана шуниси Матлуба учун кутилмаган, айни чоқда нохуш ҳол бўлди. Асли исми Тошболта бўлган бу одам совхоз директорига ошпазлик қилгани учун кўпчилик уни «Ошболта» дер эди. Матлуба эса «фоҳишахона ити» деб ундан нафратланарди. Айниқса, қизининг номусини ҳам хожасига инъом этгач, Матлуба у билан саломлашмай ҳам қўйган эди.
— Ҳа, ким келибди? — деди Тошболта менсимаган бир оҳанг билан. Сўнг эса пичинг қилди: — Ие, азиз меҳмонми? Ҳа, келинг, келин пошша?

Унинг «ҳа, келинг...» дегани замирида «Нега келдинг, кет!» деган маънони ўқиб, Матлуба ичида «Турқинг қурсин сенинг!» деб қарғади.
— Ҳа, гапир, иш-пиш билан келдингми ё эрингни қидириб келдингми? Эринг йўқ бу ерда. У ҳов... Сибирда айшини суриб юргандир.
— Дада! — Нафиса шундай деб отасига ўгирилди.
— Нима «дада!» — деб ўшқирди Тошболта. — Нима бор унга бу уйда? Гаплашиб ўзингни пастга урма. Уйга ҳам қўйма. Бу уй эридан қолган матоҳ эмас.

Матлуба бу уй остонасини босиб ўтиши билан «ҳужум»га ташланишни режа қилиб, айтадиган гапларини йўл-йўлакай пишитиб олган эди. Матлубанинг хом хаёли бўйича эшикни «итдан тарқаган Нафиса» очардию уни кўриб қўрқиб кетарди, орқасига тисарилиб, титрай бошларди... Ана шунда Матлуба ҳужумга ўтарди. Юлмас эди-ю, аммо ундан баттар қиларди... ўйлаганлари амалга ошмади. Устига устак «фоҳишахона ити» вовуллаб турибди.
— Эримнинг... — Матлуба «еримнинг» деган сўзга урғу бермоқчи эди, аммо овози титраб чиқиб сўзини ямлаб юборди. Овози титрагани учун ўзидан ўзи нафратланди. «Бу махлуқлар олдида паст кетишим мутлақо мумкинмас», деб ўзига далда берди. бир неча нафас сукут қилиб, сўнг гапини қайтадан бошлади: — Эримнинг Сибирда эканликларини яхши биламан. Лекин бу ерга итларини боғлаб кетганларини билмапман.
— Нима дединг, вой энағар!
— Дада! — Нафиса отасининг кўкрагидан енгил итарди, — Дада, ичкари киринг, аралашманг.
— Сен!.. — Тошболта унга ҳам икки оғиз «ширин» гапларидан айтмоқчи эди, қизининг кўзларига кўзи тушиб, шаштидан қайтди.
— Бу сафар сиз «хўп» денг...
— Яхши, омма, гапни калта қил. Сен унинг эрини билмайсан, танимайсан... Ҳеч қанақа қоғозига қўл қўйма, — шундай деб изига қайтгач, Нафиса эшикни ёпди.

Матлуба ўша шармандали кунда, ғазаб оловида ёнаётган дамда унга тузукроқ қарамаган ҳам эди. Ҳозир ўғринча эмас, дабдурустдан тикилиб қаради. Хушбичим, хушрўй эканини тан олгиси келмади. «Эрим бекорга илакишмаган экан, менга «ёшингга ярашадиган қилиқ қил», деб бежиз айтмаган экан. Бу ишва қилиб турганда мен ёқармидим», деган фикрни хаёлидан қувди.

Нафиса «майли, тўйганича қараб олсин», деб индамади. Охири сабри чидамади:
— Келинг, опа...
— Опа? — Матлуба заҳарли илжайди. — Мен қачондан бери сенга опа бўлиб қолдим? Мен сендақа сингилни биласанми, нима қиламан?

Нафиса қайдан билсин буни. Тўғриси айтилса, Матлубанинг ўзи ҳам билмайди. Ҳозир Нафиса «хўш, нима қилардингиз?» деб сўраса довдираши тайин эди.
— Синглингиз эмасман. ёшингизни ҳурмат қилиб айтувдим. Бошқа демайман. Менга бир нима демоқчимисиз?
— «Бир нима демоқчимисиз?..» — Матлуба кундошига ўтли нигоҳини қадади. — Сен менга қайси хушторингни юбординг?
— Нима деяпсиз? — Нафиса ажабланиб, кафтини юзига босди.
— Эримни канадек сўрганларинг етмагандай энди менга ёпишмоқчимисанлар?
— Тушунмаяпман, нимага унақа деяпсиз?
— Сен ўзингни меровликка солма. Билиб қўй, ўша хушторингни ҳам, ўзингни ҳам ўлдиртириб юбораман!

Бу гапдан кейин ошхона эшиги қия очилиб, Самандарнинг боши кўринди:
— Қизлар, нима гап, тинчликми?
— Эшикни ёпинг! — деди Нафиса зарда билан. Амри шу заҳоти бажарилгач, Матлубага қаради. Энди унинг кўзларида ҳам ғазаб учқунлари кўринди. — Қўлингиздан келса ўлдиринг, лекин менга туҳмат қилманг.

  

— Туҳматми? Мана бу ҳам туҳматми? — Матлуба шундай деб сумкачасидан хатни чиқариб узатди. Нафиса хатни ўқиётганида ундан кўзини узмади.
— Бу... Турсунали акамнинг хатлари-ку? — деди Нафиса ажабланиб. — Сизга ким берди?
— Хушторинг.
— Туҳмат қилманг, дедим сизга! Худо урсин, бу хатни энди кўриб турибман.

Матлуба «рост айтяптими ё тоняптими?» деган фикрда унга тикилиб қолди. Мўлжалидаги «ҳужум» кучи заиф бўлди. Натижаси эса, унданда заиф бўладиганга ўхшаб турибди.

Нафиса ўйлаб бир тўхтамга келиши учун кундошига шароит яратиб берди. Ичкаридан эса Тошболта ёлғон йўтали билан қизини шоширди. «Дадам ҳам баъзида ошириб юборадилар-да», деб ғижинди Нафиса, Матлуба ҳам йўталнинг маънисини тушунди. «Ҳе, ўпкагинангга қурт тушсин, илойим шу йўтал олиб кетсин-а...» деб қарғади.
— Агар ишонмасангиз, — деди Нафиса кундошига тик қараб, — турмага бориб келамиз. Ўзларидан сўраймиз.
— Нима? — Матлуба бунақанги таклифни сира кутмаган эди.
— Сибирга бирга бориб келамиз! — Нафиса шундай деб таклифига аниқлик киритгач ошхона эшигини очди. — Самандар ака, Иркутскка иккита билет олиб келасиз.
— Ҳозирми? — деди Самандар ажабланиб.
— Эртага... эрталаб. Бориш-келишга оласиз. У ёқда сарсон бўлиб юрмайлик.
— Тўхта, — деди Матлуба. — Сенга «Сибирга бораман» дедимми? Менга қара, сен эримнинг Иркутскда эканини қаердан биласан? — Матлуба саволни Нафисага бериб, «кўриб қўй, хотинингни» дегандай Самандарга қаради.

Нафисани бу савол довдиратмади:
— Одамлардан эшитдим, — деди хотиржам равишда.
— Одамлар қаердан эшитишибди? Радиодан айтибдими? Ё газетда чиқибдими?
— Энди майдалашмай қўяқолинг. Аввал манавини ҳал этайлик, — Нафиса шундай деб хатни эрига узатди. — Ўқинг, ўртоғингиздан.

Самандар хатни ўқиб, бошини қашиди. Малла киприклари пирпиради.
— Матлубахоним... Мен билмадим-у, аммо Нафисдан бекор гумонсираяпсиз. Хоҳласангиз Турсуналининг олдига ўзим бориб келаман. Агар янглишмасам, бу хатни ўз хоҳиши билан ёзмаган. Аниқлаш керак. Турмаларда ҳар хил воқеалар бўлиб туради.
— Аниқладингиз нимаю аниқламадингиз нима?
— Қанчадан тўлаш керак экан?

Матлуба айтди.
— Ҳар ойдами? — деди Самандар ажабланиб. — Бу бутун бир капитал-ку? Биласизми, Матлубахоним, бундай қиламиз: биринчи взносни биз берамиз.
— Йўқ!
— Рад этишга шошилманг. Ахир Турсунали менга бегона эмас. Биз ака-укадаймиз, ахир.

«Ака-укадаймисан, ё кундошмисан?» деб ўйлади Матлуба. Бу ерда ортиқ тўхтагиси келмади. Буларга учрашгани учун ўзидан ўзи нафратланди. Худди тиланиб келгандай ҳис қилиб, ўзини ўзи юлиб ташлашни истади. Шарт бурилиб, эшик тутқичига қўл юборганида Самандар уни елкасидан ушлаб тўхтатди.
— Бундай қилишга ҳаққингиз йўқ. Менда пул бор. Бу йил барибир қурортга бормаймиз. Ишдан менга ижозат йўқ. Ундан ташқари биз пулдан сира қийналмаймиз. Дўстим учун мен ҳам нимадир қилишим керак.
— Сиз дўстингиз учун жуда кўп иш қилиб қўйгансиз, хайр, — деди Матлуба эшикни очиб. Сўнг остона ҳатлаб, орқасига ўгирилди: — Билиб қўйинг: мен тиланчи эмасман. Эримни ҳам, номусимни ҳам ўзим ҳимоя қила оламан.

Матлуба шундай деб эшикни ёпди-да, тез-тез юриб зинапоядан туша бошлади. Самандар ҳам, Нафиса ҳам унинг ортидан юрмадилар. Самандар «Эрини ҳимоя қилиши тушунарли, аммо номусни нима учун аралаштиради?» деган хаёл билан хотинига қаради. Номус масаласи бекорга эсланмаганини тушунган Нафиса эридан кўзини олиб қочиб, «йўтали босилиб қолган» отаси ҳузурига юрди.

Ўлимнинг баҳоси

Матлуба зинапоялардан тушиб, ташқарига чиққунича худди нажасхонадан ўтаётгандек нафаси қайтди. То сўнгги зинапояни босгунича ҳар ташлаган қадамида ўзини лаънатлади. Дастлабки сонияларда бу ерга келиб хато қилганини англаб, пушаймон эди. Унинг ўзига бўлган нафрати бу пушаймондан туғилмади. Кўнгилга таскин бера олгувчи «олишув» бўлмагани, улардан баланд келиш у ёқда турсин, ҳатто теппа-тенг гаплашишга журъати етмагани, энг муҳими — бу хонадондан бесамар кетаётгани унинг ғазабини қўзғотган эди. Баъзан одам аччиқланса Ғазаб тошларини бировга отиб ҳуморидан чиқади. Ҳозирги ҳолатда эса, Матлуба Ғазаб тошларини фақат ўзигагина ота оларди.

Алҳол, Матлубани дардга солган яна бир сабаб бор: Матлуба кундошининг яйраб-яшаётганини англаб, аввал ичи куйди, сўнг рашк қилди. Йўқ, эрига нисбатан эмас, ўша қошу киприкларигача малла Самандарга рашк қилди. Эри дўстини «зўр олим, фақат Масков билан гаплашади», — деган эди. Ана шундай зўр одамни бир бузуқнинг қулига айланишига Матлуба тоқат қила олмади. «Бу итдан тарқаган ғаркўзга эр ҳайф. Нима қилиб бўлса ҳам ажратиб юбораман. Юрсин менга ўхшаб бева бўлиб...» Матлуба хаёлидан ярқ этиб ўтган бу фикрни чуқурлаштирмади. Ҳатто қандай қилиб ажратиб юборишини ўйламади ҳам. Буни кейинроқ мулоҳаза қилади. «Самандарга бориб ҳаммасини айтаман. Қиз олмаганини билиб қўйсин...» деб қарор қилади-ю, аммо ахдини амалга оширишни галга солаверади. Бу галга солиши ҳам бесабаб эмас. Аввалига ажратиб юборишни ўйлаган бўлса, кейинчалик «Жувонмарг Нафиса бу дунёда яшамаслиги керак», деган фикрга кўпроқ ёпишиб олади.

Бу ўй-қарорлар кейинроқ туғилади. Ҳозир эса...

Матлуба беш-ўн қадам юргач, болалар ўйнайдиган майдонча қаршисида тўхтади. «Тепадан кузатишаётгандир», деган фикрда ўгирилиб, уларнинг деразаларига қаради. Ўнлаб деразалардан қайси бири уларники эканини аниқ билмасди. Унинг мўлжалидаги биронта дераза ортида ҳам шарпа сезилмади. «Эр жонивор идиш-товоқ юваётгандир. Анави бузуқ эса, отасига ҳисоб бераётгандир. Ҳамма гапларни эшитиб турди у ит! Яна йўталади-я! Ҳе, ўпкаларинг ириб кетсин сенинг!» Матлуба ноаниқ деразага шу қарғиш тошини отгач, сал ҳовури босилгандай бўлди.

Нимқоронғи муюлишда тўхтаб турган одамнинг ўзи томон юра бошлаганини кўриб, чўчиди. Юрагига қўрқув оралаб, тисланган маҳалида таниш овозни эшитди:
— Опа, бу менман.
— Вали? нима қилиб турувдинг?
— Кечқурун ёлғиз юрманг, дедим. Ҳарҳолда бу ерда ётиб қолмасангиз керак, деб ўйладим.

Матлубага Валижоннинг бу иши маъқул бўлди. Аммо сир бой бермаслик учун:
— Мени бўри ермиди? — деб тўнғиллаб қўйди.

Катта кўчага чиқишганда Валижон:
— Опа, мен бир мошин тўхтатайин. Адангизникига борасизми? — деб сўради.
— Йўқ, — деди Матлуба, — укамникига бораман. Сен ҳам юра қол, жойи бемалол.
— Раҳмат, опа, менинг борадиғон ерим бор.

Матлуба «борадиган ери бўлмагани учун мени пойлаб тургандир», деб ўйлаган эди. Валижоннинг бу гапидан сўнг ўша фикри учун ўзи уялди.
— Юравер, сени танишади, — деди мулойимлик билан.
— Йўқ, опа, баҳонаи сабаб билан қариндошларни кўриб кетайин. Яна қачон тушаман бу шаҳарга...

Валижон Матлубани машинада кузатгач, ўзи темир йўл бекатига кетди. У Матлубага ёлғон сўзлади: шаҳарда унинг қариндошлари йўқ эди. Хожасининг даврида орттирган ўйнашлариникига боришнинг маъноси йўқ. У хотинлар «Валижон акагинам қачон бағримга келаркинлар?» деб кўз тикиб ўтирмайди. Аллақачон бошқа хушторлар топиб, маишатларини давом эттираётганлари аниқ.

Валижон ёмон бир ўйинга беихтиёр аралашиб қолаётганидан кўнгли хижил бўлиб, турли ўйлар чангалида тонг оттирди. Яхши кунлари тугаб, ташвишли даври яқинлашганидан дарак берувчи бу шаҳардан тезроқ қочгиси келди. Тонгда биринчи автобусга ўтириб уйига жўнади. Ҳалқа йўлдан узилгач, худди ташвишлари ортда қолгандай сал енгил тортди.

Матлуба эса, машинадан тушгач, укаси яшайдиган ҳовли дарвозасига яқинлашди-ю, аммо қўнғироқ тугмасини босишга шошилмади. Ҳозир у ҳеч ким билан кўришишни, гаплашишни истамаётган эди. Тўғри, укаси уни кўриб, «нега бемаҳалда келдинг?» демайди. Билъакс, қувонади. ораларидаги фарқ бир ёш бўлгани сабабли улар Фотима-Ҳусан каби яқин, айтиш мумкинки, маълум маънода ҳатто сирдош ҳам эдилар. Ёшдаги фарқ оз бўлгани сабабли укаси уни «опа» ҳам демасди, сизламасди ҳам. Матлуба эрга текканидан сўнг «опа» деб сизлай бошлади. Бу Матлубага ҳам эриш туюлди. Укаси билан узоқлашиб кетгандай бўлди. Укасига ҳам шундай туюлиб, яна эски одатига қайтди.

Эрга текканидан сўнг ота-она ҳузурига келиб-кетиш унинг учун ўлим чиғириғидан ўтиш каби азоб эди. Отаси Матлубани эътиборли бир одамнинг ўғлига беришни мўлжал қилиб қўйган экан. Мўлжалнинг ўзигина бўлса кошки эди. Дўсти вакиллигида гўзал, оқила қизи борлигини маълум қилибди. У одам эса, қадрдонларидан бирида ўғлига мос қиз борлигидан «хабар топиб», совчи ҳам юборган эди. Бало булути ёпирилиб, бало ёмғирлари ана ўшандан сўнг ёға бошлади. Отасига қўшилиб онаси аввал ялинди, сўнг пўписа қилди. Пўписа қилишда акаси ҳаммадан ошиб тушди, гапира туриб, бир-икки марта дўппослашдан ҳам қайтмади. Онаси сўнгги чора — кўз ёшларини ишга солганида Матлуба чидай олмади. Онасига қўшилиб йиғлаб туриб, бир йигитни «жуда яхши кўришини» айтди. «Бўлмаган гап, — деди онаси, — яхши кўрганингни эрга текканингдан кейин унутиб юборасан». «Унутолмайман, ойижон», деди йиғидан тўхтамай Матлуба. «Агар ўша яхши кўрганингга тегаман, десанг менинг ўлигимни ҳатлаб ўтиб чиқасан бу уйдан», деди онаси қатъий тарзда. «Ойижон, сизнинг бир томчи кўз ёшингиз учун ундан кечсам кечворар эдим, лекин... тўйнинг эртасига куёв томон мени изимга қайтариб юборса иснодга чидай олмайсизлар...» Онаси беихтиёр «нега?» деб сўради-ю, нима воқеа содир бўлганини англаб, лабини тишлади, юзини юлди.

Матлуба тўғри айтганди — иснодга чидай олишмас эди. Бўлиб ўтган шармандали воқеадан хабар топишгач, дардларини ичларига ютмоқдан ўзга чора бўлмади. Агар бу уятдан одамлар хабар топишсами?! Худо кўрсатмасин!

Матлуба хоҳлагани — Турсуналига тегди. Унга дабдабали тўй насиб этмади. У аламли, азобли ҳаётни ўзига раво кўрди. Отаси эса, «озиқ-овқат савдоси бошқарма»сига раҳбарлик қилиш ниятига етолмади. Сир уч кишининг орасида қолди. Матлубанинг акаси, укаси унинг Турсуналига тегишини ўжарлигидан, деб баҳоладилар. Отаси Матлубани расман оқ қилмаган бўлса-да, гаплашмай қўйди. Саломларига ҳам алик олмади. Фақат тилсиз, ҳаракатсиз қолганидан кейин қизига қараб бир нималар демоқчи бўлиб ғўдранарди, кўзлари ёшланарди.

Отасини иснод эмас, пул ғами йиқитди. Улардан икки уй нарида қиморбоз қўшнилари бўларди. Бир куни чиқиб «Қиморни ташламоқчиман. Аммо бу шаҳарда яшаб туриб ташлай олмайман. Самарқанддан жой топдим. Ота юртимга жўнайман, жой бегона бўлмасин. Сиз бизга кўп яхшилик қилгансиз. Уйимни сотиб олинг, сизга арзонроқ қилиб бераман», дебди. Отаси ҳам қизиқ, уйга муҳтожлиги йўқ эди. Катта ўғли ўзи билан қолиб, кичиги жой қилиб чиқиб кетган эди. Лекин нафс қурғур «арзонроқ олу у ер бу ерини тузатиб, икки баравар ортиққа пулла», деб қутқу қилаверганми, ҳарҳолда маҳалладан уч-тўрт одам чақирилди, савдо пишди. Пул тўланди. Қўшни икки ойдан сўнг кўчишга ижозат сўради. Орадан икки ой эмас, ярим йил ўтса ҳам у жойидан жилмади. Саккиз ойдан сўнг кўчиши лозимлиги эслатилганда у «нега кўчаман?» деб «ажабланди». Уйни сотганини айтишганда эса, «Қачон сотибман? Шундай уйни нимага сотаман?» деб яна «ажабланди». Гувоҳлар чақирилди. Бири «еслай олмади», бошқаси «бунақа гап бўлмагани»ни айтди. Гувоҳлар чиқиб кетишгач, отаси йиқилди, тилсиз, ҳаракатсиз бўлиб қолди. Орадан уч ой ўтар-ўтмас, онаси уйқусидан уйғонмади. Мўъмина аёл эди, омонатини ҳам осонгина топширди.

Оналар ҳеч маҳал фарзандларидан норози бўлиб кетмайдилар. Шундай бўлса ҳам Матлуба «онамдан розилик ололмадим», деб армонда қолди.

Онаси ўтганидан бери ота уйига боргиси келмайди. Акаси билан янгасини кўришга тобу тоқати йўқ. Акасини ўша урганлари учун сира-сира кечиролмайди. Ҳатто онасини беҳурмат қилганида ҳам хотинини чертмайдиган инсоннинг синглисини дўппослаши чиндан ҳам кечириш мумкин бўлган ҳол эмасди.

Жанозадан кейин қайси бир куни укаси ёлғон йиғисини авжга чиқараётган янгасига қараб туриб, «онам бояқиш ўлдилару бу дунёдаги дўзах азобидан қутулдилар», деган эди. Ёмон келиндан Яратганнинг ўзи асрамаса қийин экан. Қайин сингиллар турмушга чиқиб кетишар, қайин инилар кўчиб кетишар, ота билан она эса, бу дунё азобига дош бериб, яшашдан ўзга чоралари йўқ. Уларни бу азобдан фақат ўлимгина қутқаради.

Матлуба шаҳарга тушганида «отамникига борайми ё укамникигами?» деб иккиланиб ўтирмас эди. Тўғри, отасини бориб кўрарди, аммо у ерда узоқ ўтирмас эди. Янгасининг «қиз деган отага қараб ўтириши керак», деган фасод гапларига жавоб бермай изига қайтарди. Эрининг иши судда кўрилаётганда болаларини олиб укасиникига кўчиб келди, дейилса ҳам бўлади.

Матлуба укасининг дарвозаси қаршисида туриб, юраги увишиб кетди. Бир қарасанг атрофингда меҳрибон одамлар кўп. Улар сенга яхшилик қилгиси келади-ю, аммо нима учундир қилмайди. Дардингга малҳам қўйгиси келади-ю, аммо нимагадир қўймайди. Сенга қўшилиб йиғлагиси келади-ю, аммо нимагадир йиғламайди. Бошинг узра бахт қуёши чарақлаб қолса, унинг нуридан сен билан бирга баҳра олишга шошилишади. Бу бахт қуёши юзини абри бало қоплагудай бўлса, пана-панага қочадилар. Ўша панада туриб, сенга бўлган садоқатларини изҳор этадилар. Матлуба эри қамалгунича буни билмас эди. Бало булути ҳамма ёқни зулматга ўрагани билан ҳаётни яхши-ёмонга ажратиб, одамнинг ғафлат уйқусидаги кўзини очар экан.

Шаҳарда қариндошлари кўп, танишлари ундан-да кўп. Аммо уларга бахти кулган Матлуба керак. Бир олам дард исканжасидаги бахти қаро Матлубани улар бошларига урадиларми? Уларни ҳам айблаш қийин, чунки дард масаласида уларнинг бошқалардан кам ери йўқ. Матлуба қайси бирлариникига ҳасратдош излаб борсин? Укаси... меҳрибон, аммо Матлуба айрим масалаларда унга ёрила олмайди.

Тўғри, шаҳарда биттаси бор... Лекин у ҳам ҳасратдош эмас. Аммо агар гапи рост бўлса, Матлуба учун жонини беришга тайёр одам. Дорулфунунга қабул имтиҳонлари пайтида ишқи тушиб, то Матлуба эрга теккунича тинч қўймади. Исми Рамзиддин бўлган бу йигитни ошиқлиги сабабли ҳамкурслар Ромео деб кулишарди. Бу исм унинг ўзига ҳам ёқиб, Матлубани бир-икки «Жулетта» деганида эшитадиган «ширин» гапларини эшитиб олган эди. Бу Ромео тушмагур мулоҳаза, одоб, муомала кўчаларидан ўтмаган соддагина йигит эди. Матлубага бўлган муҳаббатини ҳеч кимдан яширмас, муҳаббат яширин туйғулар меваси эканига фаҳми етмас эди. Май байрамида намойишга кетишаётганда, Қизил майдонга етмай, анча вақт тўхтаб қолишди. Шунда бу Ромео тушмагур дабдурустдан «шу йил имтиҳонлардан сўнг уйингга совчи юбораман, йўқ десанг уволимга қоласан», деди. Матлубанинг қитмирлиги тутиб, «чиндан яхши кўрасизми?» деб кулди. Унга дугонаси қўшилиб «яхши кўрсангиз ҳозир ҳамманинг олдида исбот қилинг», деди. «Қандай исбот қилишим керак?» деди Ромео ажабланиб. «Матлубанинг қаршисида ҳозироқ тиз чўқинг!» деди дугонаси шаддодлик билан. «Тиз чўкайми?» деб сўради Ромео Матлубадан «йўқ» деган жавобни кутиб. «Нега Матлубадан сўрайсиз. Яхши кўрсангиз тиз чўкинг дарров! Америкаликлар шундай қилишаркан. Замонавий йигитлар Америкага эргашишлари керак», деди дугонаси бўш келмай. Ромео яна Матлубага қаради. Нажот бўлмагач, чўнтагидан танга пулларини олиб қизнинг оёқлари остига сочди-да, уларни териб олиш баҳонасида тиз чўкди. Унинг бу топқирлигидан қойил қолган қизлар кўчани бошларига кўтариб, шарақлаб кулиб юборишди. «Матлу, шундан бошқага тегсанг хор бўласан», деб ҳазиллашишди. Ўшанда фаришталар «омин» деган эканми, бошқага тегдию хор бўлди...

Ўша кезлари эса, Матлубанинг кўз олдидан Турсунали кетмас эди. Бошқа барча йигитлар унинг учун арзимас бир одамчалар эди.

Ромео билан турли тасодиф туфайли кейин ҳам учрашдилар. Ҳар гал учрашишганда у уйланмаганини, Матлубанинг эрдан чиқишини кутаётганини айтарди. «Совуқ нафас қилма, нега эрдан чиқарканман?» дерди Матлуба. «Сен у билан бахтли бўлолмайсан. Ё ажралишасан, ё сиқилиб ўлиб кетасан. Бошқа йўл йўқ сенга. Менинг ҳам битта йўлим бор — сени кутаман. Қариганингда бўлса ҳам сенга уйланаман. Уйланмагунимча ўлмайман», дерди у.

Турсунали қамалгач, яна учрашишди. Бу сафарги учрашув тасодифий бўлмади. Ромеонинг ўзи қишлоққа қидириб борди. Яна ўша гапни айтди. «Уни ўн беш йил кутмоқчимисан? Кутма», деди. «Аҳмоқ экансан,— деди Матлуба. — Бошқа келма, мен эрсираб қолмаганман». «Бошқа келмайман, ўзинг борасан», деди у ишонч билан. Сўнг ён дафтарчасининг бир варағига турар жойини ёзиб берди. Матлуба бу қоғозни ғижимлади-ю, аммо ташлаб юборолмади.

Ҳозир укасининг дарвозаси қаршисида шуни эслаб, бир энтикди. Бу ёмон хаёл домига тушмаслик учун қўнғироқ тугмасини босди. Эри қамалганидан бери дам ярим тунда, дам эрта саҳарда келиб юргани учун эшикни очган келини бу ташрифдан ажабланмади. «Келинг, опа», деб сўрашди.
— Сарвар уйдами? — деди Матлуба, остона ҳатлаб ичкари киргач.
— Уйдалар, футбол кўряптилар. Одатларини биласиз-ку, футбол деса ўзларини томдан ташлайдилар.

Сарвар чиқиб, опаси билан саломлашди-да, «чой-пой ичиб тур, ҳозир тамом бўлади», деб яна кириб кетмоқчи эди, хотини тўхтатди:
— Одамни иснодларга ўлдириб юборасиз-а, футбол ўлгурингизни бир марта кўрмасангиз нима қилибди?

Бу гапларни эшитиб, Сарвар қошларини чимирди:
— Яна бир марта «футбол ўлгур» дегсанг, жийдахалтангни қўлтиқлагину онангникига жўнаб қол.
— Ахир опам...
— Опам бўлса, ўзимнинг минг йиллик опам. Менсиз ярим соат чидаб ўтиришга қурби етади. Сен каллангни ишлат: бунақа ўйин тўрт йилда бир марта бўлади. Тўрт йил кутаман мен бунақа ўйинни.
— Менинг келин деган номим бор. Ҳар қанақасига ким ёмон — келин ёмон.

Матлуба эр-хотиннинг «олишуви»ни эшитиб, маъюс жилмайди.
— Сарвар, бор, киравер, футболингдан қолма.

Шу пайт ичкаридаги телевизордан мухлисларнинг ҳайқириғи эшитилди. Нимадир демоқчи бўлган Сарварнинг гапи оғзида қолиб, сапчиганича ичкари кирди.
— Назмихон, қўйинг, одатини биласиз-ку. Ўзининг тўйида футболдан кечмаган одам шу пайтда кечадими?
— Ҳе қурибгина кетсин, шу футболлари, — Назми шундай деб қайин эгачисини меҳмонхонага бошлади.

Бу хонадондаги эр-хотин ечиши мушкул бўлаётган асосий муаммо футбол масаласи эди. Сарвар бу ўйиннинг ашаддий мухлиси бўлса, Назми ашаддий душмани эди. «Футбол — санъат! Сочи узун, ақли калта одам бу ўйиннинг гаштини билмайди». «Футбол — йигирма иккита аҳмоқнинг битта тўп кетидан Али аканинг итидай ҳаллослаб югуриши». Эр-хотиннинг бу борадаги «фалсафаси» шундан иборат. Ўн йилнинг нари-берисида давом этаётган «илмий» баҳсда ҳали томонларнинг келишувидан дарак йўқ. Ҳозирги бу бир «чўқишиб» олиш ҳам Матлуба учун янгилик эмас. Ҳар сафар «қозилик» қилишга тўғри келса, келинга тўйларини эслатади. Бу эслатув Назмига ёқади. Аслида Назми бу воқеани сира унутмайди. Чунки бу унутадиган воқеа эмас. Бирон ҳажвчининг қулоғига чалинса ёзиб юбориши турган гап. Тасаввур қилинг: никоҳ базми авжида. Табрикларнинг бири-иккинчисига уланади. Ширакайф меҳмонлар келиннинг ярим соатдан бери ёлғиз ўтирганини сезишмайди. Аммо бунақа ҳолат аёлларнинг назаридан қочмайди. Табиийки, энг аввало келин пошша безовталанадилар. «Ҳозир келаман», деган куёв тўра қаёққа ғойиб бўлишлари мумкин? Янгаси биқинига аста туртиб, «Қани куёв?» деб сўрайди. Назми қаердан билсин?

Хотинларнинг шивир-шивири тавонхонагача етиб боради. «Опоқи, қудалар хавотирланишяпти, ўғлингиз бир соатдан бери йўқ эмишлар». «Ярим соат» тавонхонага «бир соат» бўлиб етиб борди. Бу гап хотинлар тили воситасида кўчага чиққудай бўлса, «икки соат»га етиши тайин. Ўғлининг қаердалигини она билмай, ким билсин? Тўғри, бу гапни эшитиб, аввалига юраги «шув» этиб кетди. Ҳарҳолда дўстдан душман кўп. Онанинг зийрак фаҳми бу хавотирни дарров қувди. «Вой, шўргинам, бугун футболи бориди-я! Тўйни эртага кўчиринг, деганида қудалар кўнишмовди». Хуллас, Сарвар яна ўнбеш дақиқадан сўнг «топилди». Ўша куни у умрида ягона зўр «жасорат» кўрсатди: футбол ўйинининг фақат иккинчи бўлимини кўрди. Биринчи бўлимини эса «умрида бир марта бўладиган тантана» — тўй учун қурбон қилди. Табиийки, Назми бундан ўша пайтда бехабар эди.

Куёв тўра хушнуд ҳолда жойларини эгаллаганларида келин пошша аразлагандай бир чимирилиб қўйдилар-у, тергамадилар, турмушнинг дастлабки дақиқаларидаёқ тергашни ўзларига эп кўрмадилар. Бу ҳам ўзига хос бир жасорат бўлдики, зикр этилмоғи албатта, ўринлидир. Ўйин кўнгилдагидай тугагани учун куёв тўранинг кайфиятлари яхши эди. Бармоқларининг учи билан келин пошшанинг юмшоқ жойларини ўғринча силаб, қулоқларига шивирладилар:
— Сизга битта шеър айтиб, берайми?

Келин пошша ажабланиб, «шеър ёзгани кетган эдингизми?» деган савол назари билан қараб қўйдилару бош ирғаб, шеърни ўқимоққа ижозат бердилар.

Куёв тўра яна қулоққа шивирладилар:
— Экин экадиғон еринг бўламан, бугундан бошлаб эринг бўламан.

Келин пошша «пиқ» этиб кулиб қўйдилар. Бу кулги куёв тўранинг гуноҳлари кечирилганига бир ишорат эди. Қадаҳ кўтариб табрик сўзи айтаётган меҳмон гўё куёв тўранинг ҳозиргинада шеър айтганларини сезгандай «мушоира»ни давом эттирди:

«Сарварбек! — деб хитоб қилди у. — Тўй тўйлашиб келдик элингизга, Худо қувват берсин белингизга!» Тўйхонани қийқириқ босиб, хотинларнинг фаразларга бой «шивир-шивири»га якун ясалди. Мана шу қисқа вақт давомида Сарвар хотинлар тили билан ясалган «учар гилам»да яхши кўрган қизи билан учрашиб қайтишга» улгурди.

Назми ҳар сафар шу воқеани эслаганида бир энтикиб қўяди. Ҳозирги энтикиш эрига бўлган аразни нари сурди. Қайин эгачисига меҳрибонлик кўрсатиб, Матлубанинг қаршилигига қарамай дастурхон тузади. Чой дамлаб келгач, қўни-қўшнилар, қавму қариндошлар ҳаётидан қисқа-қисқа ахборот берди. Матлуба келинининг бу одатини ҳам яхши кўради, ҳам ранжийди. Яхши кўрганининг боиси — Назми билан беш дақиқа бирга бўлса бас, барча янгиликлардан хабардор бўлади. Ранжиганининг боиси — унинг ташрифи ҳақидаги маълумот ҳам эртасигаёқ «хотинлар телеграфи» орқали тарқайди. Турсунали қамалганидан бери бу «телеграф» тўла қувват билан ишлайди. Матлуба баъзан «гап шу ерда қолсин», деб келинига қаттиқ тайинлайди. Келиннинг «оҚзи маҳкам». Матлуба кетгунига қадар бу гап остона ҳатламайди. Матлуба тушган автобус шаҳарни тарк этмай, сир сақланмоҚи лозим бўлган янгилик озгина қўшилган, безалган ҳолда «хотинлар телеграфи»га уланади.

Назми маҳалла янгилигини тугатиб, қариндошларга ўтганида Матлуба унинг гапини бўлди:
— Вазирликка ҳисобот олиб тушган эдим. Қоғоз ўлгур бирам кўп. Битта-битта текшириб олгунича кеч бўлиб кетди.

Матлуба бу гапни «хотинлар телеграфи» учун атай айтди. «Ҳисобот оладиган қўнғиз мўйлов опамга бир-икки илмоқ ташлаш учун атай кечгача олиб ўтирибди», деган қўшимчадан, шубҳасиз, Матлуба бехабар қолади.

Футбол тугаб, Сарвар чиқиб келди.
— Вой опа, қаранг, бир қаранг, — деди Назми, — шохлари чиқибди!
— Боя нима дединг? — деди Сарвар унинг пичингини тушунмагандай, — «Одамни иснодларга қолдирасиз» дедингми? Мен футболни кўрмай шу гапингни ўйлаб ўтирдим.
— Гапимга нима бўпти?
— Қизиқ-да. Одам иснодга қолса, сенга нима?
— Вой, савил, опа, укангизнинг гапларини эшитяпсизми? Мен одам эмас эмишман...
— Мен унақа демадим, — Сарвар шундай деб чой хўплади, — чойни янгила, совубди.

Назми опа-укага бир-бир қараб чимирилди-да, жаҳл билан ўрнидан туриб, ташқарига чиқди.
— Баъзан жуда ошириб юборасан-да. Чой иссиқ эди-ку? — деди Матлуба укасига норози қиёфада боқиб.
— Шунақа демасам, вайсаб ўтираверади. Ҳа, нима бўлди, тинчликми?
— Вазирликка ҳисобот олиб тушувдим...
— Бўладиган гапни гапирсанг-чи.

Матлуба укасидан сир сақламас эди. Аммо бўлиб ўтган гапларни ҳозир айтгиси келмади. Эрининг ўйнаши олдида, ўзи «шалтоқ, исқирт», деб ҳисоблаган бир аёл қаршисида паст кетгани, аниқроқ айтилса, мағлуб бўлганини тан олгиси келмади. Шу сабабли «бўладиган гапинг нимаси», деб укасидан нигоҳини олиб қочди. Зийрак Сарварга шунинг ўзи кифоя қилди.
— Бўлди, тўк дардингни, яна ёрилиб кетмагин, — деди у опасига тикилиб.

Матлуба бу қарашга бардош бера олмади. Бир соат аввалги воқеа, мағлубиятдан тошган дарду алам дарёси кўзларидан ёш бўлиб қуйила бошлади.
— Ёриласан, дедим-ку! Айт, нима бўлди?

Матлуба рўмолчаси билан бурнини чимдиб қўйиб, «ҳеч нарса» деди-да, сумкачасидан эрининг хатини олиб, узатди.

Сарвар хатни ўқиб, бир оз ўйланди. Сўнг «хато ўқимадимми» дегандай сатрларга яна кўз югуртирди.
— Ҳа... тушибдилар, акагинам... — деди ўзига ўзи гапиргандай.
— Нимага тушади?
— Ўғриларнинг қўлига тушибди эринг.
— Қанақа ўғрилар? — Матлуба бу янгиликдан ажабланиб, йиғини ҳам унутди.
— Қанақа бўларди, оддий совет ўғрилари, — деб пичинг қилди Сарвар. Сўнг жиддийлашди: — Уларга солиқ тўланмаса эрсиз қоласан.
— Сен буни қаердан биласан?
— Биламан-да.
— Йўқ, айт, қаердан биласан?
— Мен билан бирга ўқиган Ҳабиб эсингдами? «Золотой» дердик. Ўнинчида ўқиётганида қамалиб кетувди. Эсингда йўқми? Хўп, унда эсинг Турсунали аканг билан банд эди. Хуллас шу бола икки марта ўтириб чиққан. Салкам «вор в законе».
— Бу нима дегани?
— Ўғриларнинг зўри, дегани. Ўша гапириб беради менга бунақа гапларни.
— Учрашиб турасанми? Ўғри билан-а?
— Ўғри бўлса, кўчада ўғри. Уйда менинг ошнам.
— Бу хатни унга кўрсатайлик.
— Фойдаси йўқ.
— Нега?
— Таниш-билишлик, илтимос деган нарса бизларда бўлади. Ўғриларда бунақаси йўқ. Эрингни шунга ҳукм қилишибдими — тамом. Давлатнинг хазинасига ўхшаб, уларнинг ҳам хазинаси бўлади. Томиб турмаса, қурийди бу хазина. Улар эса хазиналарининг қуришига сира йўл қўйишмайди.
— Хазинасига ўт кетсин!
— Қарғама. Уларнинг иши тўғри. Улар дуч келган одамни туширишмайди. Поччагинамга ўхшаган ғирромларни ўмаришади. Ўзинг ўйлаб кўр, ишчидан ё деҳқондан нимани ўмаришади?
— Поччангдан ҳеч нима қолмади. У уйга ташимас эди.
— Бу билан уларнинг ишлари йўқ.
— Мен қаёқдан топаман шунча пулни?! — Матлубанинг титроқ овози бир неча парда кўтарилди. Ошхонада ивирсиб юрган, қўли ишда, қулоғи эса меҳмонхонада бўлган Назми ҳам бу овозни эшитди.
— Эр керак бўлса, топасан, — деди Сарвар хотиржам тарзда.
— Бермасам ўлдиришадими?
— Билмайман. Агар шунақа шарт қўйилган бўлса — ўлдиришади.
— Болаларимга-чи? Тегишмайдими?
— Билмайман... Агар болаларни гаровга қўйган бўлса...
— Нега гаровга қўяркан? Болаларда нима ҳаққи бор унинг?! Вой Худойим, қаёқданам шу ҳайвонга тегдим!
— Бўлди, ғингшима. Энди ҳайит ўтган, хинани хоҳлаган жойингга қўясан.

«Хотинлар телеграфи» учун қизиқ маълумот бера олувчи гапга шошган Назми кириб келиб, икковлари ҳам жим қолишди.
— Болаларнинг ўқишига қаттиқ турганинг яхши,— деди Сарвар гапни буриб. Матлуба аввалига укасининг муддаосини тушунмай ажабланди. Сўнг келинига бир қараб олиб:
— Ҳозир ўйинқароқ пайти. Отаси бўлганидаям ҳа-йиғиб турармиди... — деб қўйди.
— Онаси, эрталаб вақтли кетаман. Кийимларимга дазмол уриб қўй, — деди Сарвар, хотини узатган чойни олиб.

Назми «кийимларингиз тап-тайёр» дейишга оғиз жуфтлади-ю, ўзининг бу суҳбатга ортиқчалигини англаб, ўрнидан тура қолди.
— Менам вақтли кетаман, — деди Матлуба, — Эртага келаман. Пул оладиган йигит адамларникини тайин қилган.
— Мен ҳам адамларникида бўламан. Ўша йигитни бир кўриб қўяй.
— Кўрмаганинг яхшимикин. «Биров билмасин» деган.
— Айтаверади. Бу биров билмайдиган иш эканми? Сен кўп сиқилаверма. Ёлғиз бўлганингда бошқа гап эди. Аҳмоқ бўлса ҳам, ҳайвон бўлса ҳам ўша пешонангга битган эринг. Ўн беш йил берган бўлса, ўн беш йил ўтирмайди. Ўн беш йилгача ё подшо ўлади, ё эшак.

Сарвар шундай деб ўрнидан турди.
— Ростдан ҳам вақтли кетишим керак. Сен ҳам дамингни ол.

Матлуба бу хонадонга ҳар келганида келини ҳурмат юзасидан меҳмонхонада ётмоқчи бўлади. Ҳар сафар ҳам Матлуба уни ётоқхонасига чиқариб юборади. Одат бу гал ҳам канда бўлмади. Меҳмонхонада ёлғиз қолгач, Матлуба ўринга ёнбошлади. Бир неча нафасдан сўнг юраги безовталаниб, қаддини кўтарди. Хаёллари чўл шамолидай бевош бўлиб кетди. Турсунали акасини илк бор кўрган кунини ҳам эслади. Эслай туриб, ўша кунни лаънатлади. Асалдай тотли туюлган дамлар заҳарга тўла турмушнинг алдамчи дебочаси эканини кеч англади. Юмуқ кўзлар очилган дамда заҳарга тўла ҳаёт қўйнига кириб бўлган, энди ортга йўл йўқ эди. Ҳозир ҳам турмушнинг заҳарли ниши юрагига санчилиб, безовта қила бошлади. Юраги қаттиқроқ санчганда беихтиёр «ойижон!» деб юборди.

Она — фарзандига ёпирилажак дарду аламлар сели йўлидаги бир тўғондир. Она яратган Оллоҳ ҳузурига қайтгач, бу тўғон ўз-ўзидан емирилади. Матлуба буни ҳам кеч англади. Фақат Матлуба эмас, кўпгина фарзандлар шундайдирлар. Охир-оқибат «Вой, онажоним!» дейдилар, нолаю фарёд денгизига ғарқ бўладилар. Сўнг эса, тўғон бўлишни Онанинг руҳидан умид қиладилар. Жоҳил бандалар... офатлардан Онанинг руҳи эмас, Яратганнинг ўзигина сақлашига ақллари етмайди... Яна Худо билади, оналарнинг руҳига бирон-бир қудрат касб этилса, борини ҳаётда қолган фарзандлари ҳи-моясига бахш этарми эдилар... Бу шунчаки ожиз бир фараз. Аслида эса, Оналарнинг руҳлари фарзандлар дуосига муҳтождирлар...

Матлуба ўрнидан туриб дераза олдига келди. Уйда димиқиб кетгандай бўлиб ҳовлига чиқди-да, тахта сўрига ўтириб, тирсаги билан панжарага суянди.

«Ойижон, «бахтли бўл», деб дуо қилардингиз. Дуоларингиз нима учун қабул бўлмади? Ўзим айбдорманми? Энди нима бўлади? Дунёдан бахт нима эканини билмай ўтаманми? Менинг бўларим бўлди. Болаларим бахтли бўлишсин, дуо қилинг, ойижон. Ойижон, дуо қилинг, менга кўп умр керак эмас. Зилолани куёвга узатганимдан сўнг бир йилгина яшасам етади. Зилоланинг боласини кўрсам, бешик қилсам бўлди, кейин ёнингизга чақиринг. Куёвингиз бугун-эрта қамоқдан чиқиб келса ҳам мен болаларимни унга ишониб ташлаб кета олмайман. У чиқиб келгани билан барибир яна ўша шилтаси билан топишади...»

Шу фикр хаёлига келиши билан ўша «қон қусгур Нафиса» кўз олдида гавдаландию баданига титроқ югурди. Бошқа нарсаларни ўйлашга ҳаракат қилса ҳам ўша «кафансиз кўмилгур Нафиса» қаршисида тиржайиб тураверди. Шунда бир неча соат илгари хаёлини ёритиб ўтган фикр яна қайталади: «Бу балогинага йўлиққур ўлмас экан, мен тинчимни топа олмайман. У ўлмаса — менга ҳаёт йўқ...» Бу фикр қатъийлаша бошлаганда айвонда шарпа сезилди.
— Нима қилиб ўтирибсан?

Матлуба укасининг овозини эшитиб, ўгирилди.
— Уйқунг, келмаяптими? Негадир мен ҳам ухлай олмаяпман. Кўзларимни юмсам, адам чақираётганга ўхшайдилар.
— Соғингандирлар. Қачон бориб кўрувдинг?
— Тўрт кун бўлдимикан?
— Йўлинг-ку, кунда бир кўриб ўтсанг бўлмайдими?
— Бўлади-ку, Офатни кунда бир кўриш менга ҳам оғир-да. Киришимдан сасишни бошлайди, ярим соатга зўрға чидайман. Шуни қўйдириб, акамга бошқа хотин олиб беришимиз керак.
— Қўйсанг-чи.
— Сен нимага ухламаяпсан? Сиқилма, дедим-ку.
— Анави ўғри ўртоғингни қачон кўрасан?
— Хоҳласам ҳозир, хоҳласам эртага. Нима эди?
— Сўраб кўргин. Битта одам ўлдириш қанча тураркин?
— Нима? — Сарвар ҳайратланиб опасининг кўзига қарамоқчи бўлди. Ўн кунлик ой ёруғида кўзлардаги маънони уқиб бўлмади. — Нима дединг? Кимни ўлдиртирмоқчисан? Пул сўраб келган боланими? Каллангдан чиқариб ташла бу хаёлни! У ўлса, бошқаси келади.
— Уни эмас... биттаси бор.. сўраб бера қолгин.
— Нарх бир хил бўлмайди. Одамига қараб сўрашади. Лекин Ҳабиб бунақа ишга бормайди. У ўғри, киллер эмас.
— Киллеринг нима?
— Пулга одам ўлдириб берадиганларни «киллер» дейишади.
— Энг арзони қанча, билиб бер.
— Сен... эсингни йиғ. Агар киллер қўлга тушса, буюртмачи ҳам кетади. Ақлингни йиғу бунақа ишлардан нари юр. Агар яхшилаб қарғасанг, ўладиган одам шу қарғишинг билан ҳам жўнаворади. Бўлди, кириб ёт. Аҳмоқ бўлиб қолибсан.

Сарвар кейинги гапни зарда билан айтиб, опасини тирсагидан ушлаб уйга бошлади.

Матлуба ётгани билан ухлай олмади. Тонгга яқин кўзи илинган экан, дарвоза қўнғироғи кетма-кет жиринглаб уйғотиб юборди. Сарвар майкачан ҳолда шошилиб ҳовлига чиқди. Дарвозани очишга улгурмай, кўча томондан жиянининг овози эшитилди.
— Амаки, тез борар экансиз, адам айтдилар. Мен телеграфга бориб, аммамга телефон қиламан.
— Амманг шу ерда, — деди Сарвар дарвоза эшигини очиб. Тўн кийиб, қийиқ боғлаб олган жиянини кўрдию отасидан айрилганини англади.

Укасига эргашиб чиққан Матлуба остона ҳатлай туриб, «Адамми?» деди-ю, жавоб кутмай йиғлаб юборди.
— Кечқурун чақиришлари бекорга эмас экан, ғафлатда қолибман-ку, — Сарвар ич-ичидан келган бир ўкириқ билан бошига муштлаб ингранди.

Опа-ука ота уйига келганларида акалари кўчага қўйилган стуллардан бирида ёлғиз ўзи шумшайиб ўтирган эди. Матлуба акасини бу аҳволда кўриб, янада хўрлиги кучайдию «Вой отам»лаб айтиб йиғлашни бошлади.

Марҳум уй ўртасига солинган янги кўрпа-тўшакда ётарди. Жағи танғиб боғланган бўлса-да, оғзи хиёл очиқ эди. Кўзлари ҳам буткул юмулмаганди. Худди беркинмачоқ ўйнаётган боланинг кўзларидай ярим очиқ эди. Гўё у жон бермагану, ҳазиллашиб ўзини ўлгандай қилиб ётиб олган эди. Ярим очиқ лаблари ҳозир бир жилмайиб сўнг сўзлай бошлайдигандай эди.
— Ада! Адажон!!

Табиийки, жавоб бўлмади. лаблар жилмаймади. Сўзлар айтилмади. Гўё мурда гапириб юбормасин, деган эҳтиётни қилиб жағ танғиб боғлангандай...

Матлуба кириб келган янгасини қучоқлаб олиб йиғлади. Билмаган одам қучоқлашиб бўзлаётган бу аёлларни бир-бирига меҳрибон опа-сингил деб ўйлаши ҳам мумкин эди. Улар бир-бирини тингламаган ҳолда айтиб йиғлашарди: «Меҳрибоним отам...» Ярим очиқ кўзлар эса, гўё уларни кузатарди, лаблар эса, гўё пичирлар эди: «айтаётганларинг ростми? Чин дилдан ачиняпсанларми?..»

Афсус шуки, мурдалар гапирмайдилар. Уларга бир неча дақиқалик сўзлаш имкони берилсами эди... Бу оламда нималар юз бермас эди-я... Яна ким билади, балки бировлар бу имкониятдан фойдаланиб калимаи тавҳидни тўхтатмай айтарлар, бировлар «шунча йил талашиб-тортишиб эришганимиз оқибат шу бўлди, кўриб қўйинг, ибрат олинг», дерлар, бировлар эса, «фалончи мендан беш сўм қарз олиб эди, ғафлатда қолманглар, бориб олинглар», деб огоҳлантирар?

Кимдир Яратганнинг ҳузурига бораётганига шукр қилиб кўз юмар, кимдир лаҳадда ёлғиз ётишини ўйлаб қўрқув билан жон берар, кимдир тўплаган бойлиги қолиб кетаётганидан ачиниб ўлар...

Бу дунёни қандай тарк этишидан қатъий назар, барчаларига аза очилади. Бу дунёда бир-бирлари билан тенглик қилмаган одамлар лаҳаддаги гувалага бош қўйишлари ҳамоноқ тенглашадилар. Аммо бу тенглик ҳам узоққа бормас. Савол-жавобдан сўнг, амалга қараб ажралиш юз берар — биров то қиёматга қадар қабр азобига гирифтор бўлар, биров эса бу азоблардан озод этилар. Қиёматда эса, узил-кесил ажралиш юз берар...

Лаблари ҳам, кўзлари ҳам ярим очиқ марҳум эришажак ажр не бўлар, ёлғиз Тангри билади. Матлуба эса, астойдил айтиб йиғлайди: «жойингиз жаннатдан бўлсин, адажон!..»

Марҳум дафн этиб келингач, йиғини уйғотаётган эҳтирослар ҳам сўнди. Ташқарида одатдаги «Бандалик экан» — «Оллоҳнинг иродаси» — «Сабр берсин», деган таъзия билдиришлар, ичкарида эса бирдан бошланиб, бирдан сўнувчи йиғи товушлари эшитилиб турди. Матлубанинг янгаси кўнгил айнитар гапларини ана шундан кейин бошлади.

Одатда қизлар ота уйида қирқ кунгача ўтиришарди. Матлубанинг қирқ дақиқа ўтиришга ҳам тоқати қолмади. «Таъзияга келувчи хотинларнинг кети узилмасаю янгамнинг вайсаши учун фурсат бўлмаса», деб орзу қилди.

Эртасига янгасининг навбатдаги дий-диёси бошланганда Сарвар ичкарига мўралаб, Матлубани имлаб чақирди.
— Хурсанали деган йигит сўраяпти. Совхозингдан келибди.
— Бу ўша, — деди Матлуба. — Энди нима қиламиз? Шундай кунда ҳам келиб, без бўлиб турибдими?
— Нима қилардинг, тўлайсан. Буларда тўй-аза деган гап йўқ.— Сарвар шундай деб чўнтагидан қоғозга ўралган пул олиб, опасига узатди.— Ма, олиб чиқиб бер.
— Пулми? Тайёрлаб қўювдингми?
— Золотойга айтувдим. Ёрдам бера олмаслигидан афсусланиб, бу йилги солиқни кўтарадиган бўлди.
— Ўзи бериб қўя қолмайдими?
— Бунақа ҳотамтойлигини билиб қолишса тинч қўйишмайди. Лекин одамлари билан гаплашибди. Болаларингга тегишмайди. Хотиржам бўл. Сени ҳам ҳимоя қилишади.

Сарвар кейинги гапларни опасини дардини енгиллатиш учун ўзидан қўшди.

Матлуба пулни олиб, кўча эшик томон юрди. Йигит уни кўриб, ўзини четга олди. Биринчи солиқ тўлаш маросими гап-сўзсиз бўлди. Матлуба пулни узатди, йигит олиб чўнтагига солдию «хайр, раҳмат» дегандай тиржайиб қўйгач, бурилиб жўнади.

Матлуба изига қайтаётганида акаси «Ҳа, тинчликми?» деб сўради.
— Тинчлик, — деди Матлуба, — совхознинг кассири. Қоғозлари менда эди.

Акаси хавотирланиб эмас, шунчаки сўраган эди, бу жавоб билан қониқди.

Дарбадар

Биринчи қор ёмғирга аралашиб ёққани учун тез эриб кетди. Қор баҳонаси билан ёпирилиб келган совуқ тунда кучга кириб, фаолиятини ер сатҳини музлатишдан бошлади. Бунақа совуқни энди кўраётган Турсунали дийдираб, «шу совуқларда музлаб, ўлиб кетсам керак», деб хўрлиги келди. Бир қўлида чўкич, иккинчисида белкурак ушлаб, саф билан йўлга ҳозир бўлиб турганида рўпарасида Тенгиз пайдо бўлди.
— Ҳа, земляк, ишлар қалай? Мунча шумшаясан? Нима, совқотдингми? Агар шуни совуқ десанг, бир-икки ҳафтадан сўнг онангни кўрар экансан-да. Ҳа, хотинингга хат ёзиб, раҳмат деб қўй. Ақлли экан. Буйруғингни бажарибди.

Тенгиз шундай деди-ю, бурилиб нари кетди. Турсунали «мени бу азоблардан қутқаринг», деб илтимос қилмоқчи эди, улгурмади, гапи оҚзида қолди. Сафга қарата «Юрилсин!» деган буйруқ берилди.

Уч кундан бери улар дарахт кесишмайди. Кесилган ёғочлар йиғилиб қолганмиш. Ўн чақиримча пиёда юриб, сўнг ўрмон ичида ҳандақ қазишади. Бу овлоқда ҳандақнинг нима кераги борлигини ҳеч ким билмайди. Аслида бу ҳандақларнинг бировга зарурати йўқ. Дарахт кесиш вақтинча тўхтатилгани сабабли маҳбуслар бекор ётишмасин, деган мақсадда ҳандақ қаздиришади. Бир гуруҳ келиб қазийди. Иккинчиси келиб кўмади.

Аввалги кун Нуриддин ҳам Турсунали билан бирга эди. Кеча уни Тенгиз ёнига чақириб олибди. Нуриддинсиз унинг бўлари бўлди. Белгиланган вазифасини бажара олмай калтак ҳам еди. Кечқурун Нуриддинга арзи ҳол қилиб «Тенгизга айт, менга енгилроқ иш олиб берсин», деган эди. Бугун Тенгиз яқинлашаётганини кўриб, бир ичи ёришди-ю, кейин яна зулмат қўйнида қолди.

Нуриддин унинг илтимосини Тенгизга айтган эди.
— Ҳамзат, — деди Тенгиз унга жавобан, — сен ҳеч қачон одамларга, айниқса, бунақаларга ачинма. Бу одам ким бўлган, биласан-а? Совхоз директори! Бу ерда сен билан менга ялиниб юрибди. Амал отида керилиб, давр сураётган дамларида бизни одам ўрнида кўрармиди? Бу хунаса бошқаларни эшшакдай ишлатиб, ўзи маишатини суриб юрган. Ана энди меҳнат нима, азоб нима билиб қўйсин.
— У чидолмайди, ўлиб қолади, — деди Нуриддин.
— Қўявер, ўлса ҳам меҳнат билан ўлсин. Сен дарахт кесиш бошлангунига қадар менинг ёнимда юра турасан. Аммо бир нарсани унутма: мен билан бўлганингда кўзинг кўр, қулоғинг кар бўлади. Кўрганингни кўрдим демайсан, эшитганингни эшитдим демайсан.

Нуриддин бу буйруққа итоат этди. Бу итоати билан ўғрилар оламига дастлабки қадам қўйганини ўзи ҳам сезмай қолди. Шу пайтгача ўғрилар сиртмоғига бўйин бермай келаётган эди. Тенгиз кўзга кўринмас сиртмоғини усталик билан ташлади. Ўша куни «политбюро» тўпланди. Ҳал қилинадиган аниқ масала йўқ эди. Шу боис «чефир» чой ичиб, қарта ўйнаб гаплашиб ўтиришди. Қўтос ҳам, Кошак ҳам, бошқалар ҳам хизматдаги Нуриддинга қараб-қараб қўйишарди. Кошак нечта уйни босганию қанча одамни асфаласофилинга жўнатганини айтаётганида Тенгиз унинг гапини бўлди:
— Кошак, биз бу гапларни биламиз. Агар Ҳамзатни қойил қолдирмоқчи бўлсанг, янглишасан. Ҳамзат Афғонда ўлдирган одамларни сен саноғига ета олмайсан.

Кошак «шунақами?» дегандай Нуриддинга зимдан қараб қўйди. Тенгиз айтмаса ҳам Нуриддиннинг кимлиги, очиқликда нима қилгани бу ердагиларнинг ҳаммасига аён эди. Бу чойхўрлик, бу хизмат бўлажак ўғри билан «яқинроқ танишиш» мақсадида уюштирилганди.

«Политбюро» аъзоларига Нуриддин маъқул келди. Унга қарши эътироз билдирилмади. Тарқалиш пайтида Кошак:
— Унинг тарбиясини Қўтосга бер, — деб талаб қилди.
— Ҳозир эмас, — деди Тенгиз, — Бу бола эгар урилмаган асов от. Ҳуркиб кетади. Уни ўзим эгарлаб, жиловлаб бераман. Ана ундан кейин Қўтоснинг қўлига тутқизаман.

Нуриддин Бифштексни ўлдиргач, қамоқ лагерида ўзига нисбатан муносабат ўзгарганини сезди. «Политбюро» мажлисидан сўнг эса, лагер бошлиқлари ҳам унга юмшоқроқ муомала қила бошладилар. Ана шунда Нуриддин «буларга боғланиб тўғри қилдимми?» деб ўйланди. Булардан узоқлашишнинг турли йўлларини излади. У фаҳми етган, билган барча йўлларнинг боши берк эди. «Фақат ўлимгина булардан қутқариши мумкин», деган тўхтамга келди.

Гарчи қамоқ лагерида эркинроқ юришга шароит яратилган бўлса-да, у руҳини қафасдан бўшата олмас эди. У Бифштексдан зўрроқлари билан ҳам олишмоғи мумкин, аммо ўзини ўзи енга олмас эди. «Исмингиз нима, отахон?» деб сўраганида кулимсираб туриб «Дарбадар» деган ўша қарияни қутқариб юборолмагани учун ўзини ўзи то ўлгунича лаънатласа керак.

Тайёргарлик машқлари даврида аскарлар орасида «Афғонга ташлашар экан», деган миш-миш юрарди. Бировлар қўрқиб, нажот истаб уйларига хатлар ёзсалар, бошқалар «байналминал бурч»ни бажариш, қаҳрамонлик кўрсатиш илинжида жанггоҳга ошиқарди. Баъзи йигитлар эса, «Афғондан қайтганлар иститутларга имтиҳонсиз қабул қилинар экан», деб умид қилишарди. Институтларга кириш учун Афғондан тирик ҳолда қайтиш лозимлигини эса ўйлашмас эди. Ҳар куни ўнлаб қора темир тобутлар селининг оқиб келаётганини улар билмасдилар.

Нуриддин эса, «Нима бўлса, пешонамдан кўрдим», деб ўзини тақдир ёзуғи ихтиёрига берган эди. У жанг-гоҳда етти ухлаб тушида кўрмаган фожиаларга дуч келди. Дастлаб «бу ваҳшийликларни кўравериб жинни бўлиб қолсам керак», деб ўйлади. Йўқ, ақлдан озмади, аксинча, дийдаси қотиб борди. У афғонларнинг нима учун урушаётганини тушунмас эди. Унинг учун бир нарса аниқ — қаршисидаги душман! Сен отмасанг, у сени ўлдиради. Чунки у учун сен душмансан! Бу дунёда яшаб қолмоқ учун ҳам қаршингдагини ўлдиришинг шарт. «Байналминал бурч», «Афғонистон озодлиги», деган тушунчалар мингинчи даражадаги масала эди. Ажал ўқлари ёғилиб, фақат ўз жонинг кўзга кўриниб турган онда фақат ақлдан озган одамгина бундай бурч ҳақида ўйлаши мумкин. «Қаршимдаги душман эмас, мусулмон биродарларим. Ўз уйини, молу жонини ҳимоя қилган одам нима учун душман бўлар экан?» деган тушунча ҳам Нуриддинга ёт эди. Қадимда Хуросон деб аталмиш бу юртни боболар бир томондан инглиз, шимолдан эса ўрус ҳамласидан ҳимоя қилиб жон берганларини ҳам билмас эди. Ўрусга қарши жиҳодда жон берганларнинг авлодлари энди ўрусга шерик бўлиб жон олса... Боболар ўрусга Хуросонни бермаган эдилар. Ўрус Термиз билан Кўшкдан нари ўта олмаганди. Нуриддин буларни ҳам билмас эди. Билганда-чи? Билганда нима қила олар эди? «Боболарим юртига қараб ўқ отмайман» деса, «Майли ука, сиз уйингизга қайта қолинг, бу ёғини ўзимиз эплаштирамиз», дейишармиди? Бе, инсоф қилишса «хизматдан бўйин товлаш» деб қамашарди. Раҳм қилишмаса шартта отиб ташлашарди — вассалом!

Нуриддин ўзини Дарбадар деб атаган қария билан учрагунича ақлсиз гўдак каби эди. Дарбадар отилганидан бери орадан тўрт йилдан ошиқроқ вақт ўтди. Қарияни отиш учун беш киши чиқишди. «Отилсин!» деб буйруқ берилди. У ҳам беихтиёр тепкини босди. Мўлжалга олмади. Балки ўқи хато кетгандир, қарияга тегмагандир?

Ўқ отилмай туриб қария унга қараб жилмайиб қўйди. Нега жилмайди экан? «Мен Ватаннинг бир бўлагиман, сен Ватанга қараб ўқ узмайсан, а?» демоқчи бўлдими? Ё «Ана, айтмовмидим, қул бўлганинг учун ҳам буларга қўшилиб чиқдинг», демоқчимиди? Нуриддин бу жилмайишнинг маъносини уқишга кўп ҳаракат қилди. Бироқ, тайин бир хулосага кела олмади. Бадани ўқлардан илма-тешик бўлган Дарбадар кўкрагини чангаллаб, яна Нуриддинга тикилди. Бу сафар жилмаймади. Йўқ, йўқ, кўзлари бир нуқтада қотди: ўткир нигоҳига савол аломати муҳрланди. Нуриддин бу қарашнинг маъносини ҳам уқмади.

Ўша фожеадан кейинги тунлар Нуриддин учун беҳаловат, азобли тунларга айланди. Дарбадар ўша савол аломати муҳрланган нигоҳи билан ҳар тун уни таъқиб этадиган бўлди.

Асирлар сақланадиган ҳибсхонада Дарбадардан бўлак ҳеч ким йўқ эди. Нуриддин ҳибсхонани қўриқлаш учун навбатни қабул қилганида бундан кейинги ҳаёти алғов-далғов бўлиб кетишини ўйламаган ҳам эди. Аввалига «гапириш мумкин эмас», деб огоҳлантирди. Дарбадар «Сен гапирма, эшит», деб сўзлайверди. Худди тарих ўқитувчиси дарс ўтаётгандек эди. «Ўша суҳбатдан сўнг йигитнинг онги ўзгарди, ватанпарварга айланди», десак лофга ўрин берган бўламиз.

Ватанни бир мартагина бўлса ҳам кўришга зор кўзлар жон таслим қилинганидан сўнг ҳам юмулмаган эди. Ана шу кўзлар тунлари Нуриддинни уйғотарди...

«Қўлингни узат, бўтам, қўрқма, кафтингни бир ҳидлай, ундан Ватан ҳиди келса ажаб эмас. Имконим бўлса эди, сени бир қучар эдим. Ахир сен Ватанимнинг бир заррасисан. Мен ҳам бир бўлагиман. Тақдир ўйинини қарагина — Ватан иккига айрилмиш — бири қафасда, бири эса, қулликда».

«Мен қул эмасман».

«Қулсан, бўтам, қулсан. Кўзлари юмуқ қулсан. Ақли муҳрланган қулсан. Кўзларинг очиқ бўлса эди, озодлик сари юрган бўлар эдинг. Ақлинг қулфлари бузилса эди, кишанларни уриб синдирар эдинг».

«Кишан? Йўқ, бизда кишан...

«О, «кўнгил, сен бунчалар нега

кишанлар билан дўстлашдинг

на фарёдинг на додинг бор...» Бўтам, сен бу сатрларни билармисан? Чўлпонни эшитганинг борми?»

«Чўлпон? Ким у?»

«О, миллат, бахти қаро миллат! Сени зулматдан ёруғликка олиб чиқувчи авлод шуларми эди?»

«Гапларингизни тушунмаяпман?»

«Ватан надир? Миллат надир? Эрк надир? Англармисан ўзинг? «Кулган бошқалардир, йиғлаган менман... Ҳайвон қаторида саналган менман...» О, миллат ҳолинг на бўлар энди»

«Ота, бирон ерингиз оғримаяптими? Касал эмасмисиз?»

«Мен соғман, бўтам, миллатим хастадир. Мен бугунми, эртами ўлимимни топарман. Оқибат бу ёруғ дунёга сиғмай қоларман. Ватан соғинчи билан тепаётган юрагимга биттагина ўқ кифоя. Ватанни бир мартагина кўрмоқ умидимни ўзим билан туфроққа олиб кетурман».

«Ватан, Ватан, дейсиз? Ватанда турибсиз-ку?»

«Бир жиҳатдан гапинг тўғри, бўтам. Бу Хуросон — боболаримиз Ватани. Бизнингда Ватандир бу. Аммо менинг киндик қоним тўкилган Ватан — Андижондир».

«Ие, мен ҳам ўша ерликман».

«Қора қошларингга қараб кўнглим сезиб эди. Сен киришинг билан Ватан иси димоғимга уфурди. Шу боис сўзлайвердим».

«Исмингиз нима, отахон?»

«Исмим — Дарбадар».

«Ие, шунақа исм ҳам бўладими?»

«Тўғри, бунақа исм йўқ. Лекин шунақа одамлар бор. Мингтепа деган жойни биласанми? Жаннатмакон отамнинг киндик қонлари ўша қишлоққа томган. Отам бир ёшга тўлмай туриб бобомнинг юрак қони шу қишлоқда оққан. Ўруслар Мингтепа ариқларида инсон қонларини оқизиб, сўнг атроф қишлоқдагиларни адирга ҳайдаганларини наҳот эшитмаган бўлсанг? Ўзбекларни дарбадар қилиб, уларнинг ўрнига ўрусларни кўчириб олиб келиб «марҳамат, яшанглар!» деганларини ҳам эшитмаганмисан? Ахир ўша фожиадан «Марҳамат» деган ном хотира бўлиб қолган-ку? Ё Раб, бу не кўргулик? Дукчи эшонни биларсан балки?»

«Мактабда ўқиганмиз. Одамларни алдаб бойиган киши экан».

«Астағфируллоҳ! Эшон ҳазратларининг ниятлари кўкрак сути каби покиза эди. Ватанни озод этмоқни ният қилиб эдилар. Жаннатмакон бобом ҳазрат эшоннинг муридлари бўлган эканлар. Уларнинг исёнини эшитганмисан?»

«Ўқиганмиз. Уч-тўрт соатда бостирилган экан».

«Нима учун шу қадар тез бостирилган? Ўйлаб кўрганмисан?»

«Биз ўқитувчи ўтган дарсга ишонамиз. Ўйламаймиз».

«Ё миллат, ҳолингга вой! Сен бир ўйла, бўтам, Эшон ҳазратни фитна, иғво тузоғига туширганлар. Ўруслар эшон ҳазратдан қўрққанлар. Ҳазратнинг атрофига одамлар тобора кўп тўпланаверганлар. Яна бир йил қўйиб берилса, Эшон ҳазрат ғоят катта кучга эга бўлур эдилар. Агар жиҳод бир йил кейин бошланганида бу юртларда ўруснинг уруғи қурур эди. Билиб қўй: миллатни хор қилган ўруслар эмас, ўзимиздан чиққан хоинлар, иғвогарлар. Ҳазратимни ҳам шулар бадном қилдилар. Буларсиз ўрус ҳеч нимага эриша олмас эди. Иғвогарлар турк султонидан деб ёлғон мактуб тўқидилар. Ҳазрат эшон бунга инониб бемаврид жиҳодга қўзғолдилар. Ўзинг ўйла-чи, қурол-яроғсиз ҳам жиҳодга чиқадими киши? Бобомнинг йўлларини отам давом эттирдилар. Мадаминбекка қўшилиб икки йил жанг қилдилар. Бунда ҳам ўрусларга иғво иш берди. Амирал-муслиминнинг муборак бошларини ўз биродарлари узишди... Шундан сўнг юртдан қувилдик. Қашқарда макон топдик. Ўруснинг болшевиги Қашқарга етиб келди. Биз эса, бу ерларга паноҳ излаб келдик. Энди ўрус бу ерларда уруш қўзғади. Кўпчилигимиз тинчлик истагида Туркияга ёхуд Саудийга жўнашди. Мен қолдим. Жиҳод истаб қолдим. Ўрусдан қачонгача қочамиз? Ё ҳаёт, ё мамот! Сени дуо қиламан бўтам, юртга омон-эсон қайтиб бор. Қайтиб боргину жаҳолатда юмуқ бўлмиш кўзларингни оч! Дўстларингни ҳам уйғот! Ватанда беватан яшама. Ватан боғини қуритма. Инсон ўз қони ила суғориб бўлса-да, Ватан деб аталмиш муаззам боғнинг қуримоғига йўл қўймаслиги лозим, унутма! Миллат хаста, ўғлонлар эса табибдурлар!»

Шу сўзларни айта туриб худди нафаси сиқилгандай чуқур тин олган эди. Сўнг овозини пастлатгани ҳолда бир байт ўқиб эди:

«Маризинг бир тарафдин, бир тарафдин хорсан — миллат,
Бадандан доимо қон олдурар беморсан — миллат...»

Болаликда шеър ёдлашга уқуви дуруст бўлган Нуриддин бир эшитишдаёқ бу байтни эслаб қолган, сўнг мағзини чақмоқ учун тез-тез такрорлашни одат қилган эди.

Дарбадарнинг тунлари уйғотиб беҳалавот қилғувчи, савол аломати муҳрланган кўзлари билан шуларни гаплашади. Ҳибсхонадаги қисқа суҳбат такрорланаверади.

Дарбадар дуо қилди. Лекин юртга қайтиш бахти Нуриддинга насиб этмади. Бир қишлоққа ҳужум қилишганида чидай олмади. Хонадондаги ҳимоясиз аёллар, болаларни отаётган шеригининг бошига қўндоқ билан урди. Сўнг автоматнинг барча ўқларини унинг кўксига бўшатди.

Дарбадарнинг умиди жасади билан биргаликда кўмилди — жаҳолат, ғафлат уйқусидан уйғониш, қуллик тамғасидан қутулиши зарур бўлган йигит Сибириянинг овлоқ ерларида қандайдир одамларга чой дамлаб, хизмат қилиб юрибди. Ўша тун уйғониб, Дарбадарнинг кўзларига рўпара бўлганида шуларни айтиб:

«Сиз ғафлатдан уйғон, дедингиз. Қандай уйғонишни эса айтмадингиз».

«Худо сенга ақл, зеҳн берган. Ўйла, йўлни топ».

«Мен бунақа жойларда нима қилай энди?»

«Сен бу жойларда озодликнинг қадрига етасан».

«Мен булар билан бирга бўлишни истамайман».

«Буларнинг миллати йўқ. Сен миллатсиз одамлар билан бирга бўлиб, миллатни қадрлашни ўрганасан...»

Нуриддин одати бўйича Дарбадарнинг кўзларига қараб кўп саволлар берди. Лекин жавоб ололмади. Чунки у Дарбадарнинг кўзи билан эмас, балки ўзи билан ўзи гаплашарди. Унинг онги эса кўп саволларга жавоб топмоққа ожиз эди.

Азиз меҳмон

Дарахт кесишга ижозат берилиб, кераксиз зовур қазиш барҳам топди. Ер юзаси қалин қор билан қопланган кезларда кутилган «азиз меҳмон» — ўғрилар оламида «Мурик» деган янги лақаб олган Слава Галиулин пайдо бўлди. Тенгиз қиш кунлари ҳам баракда биқиб ётмай, ташқарида ёқилган гулхан яқинида ўтиришни хушлар эди. Айниқса, қор бўралаб ёғаётган дамда узоқ ўтирарди. Бундай пайтда баланд тоғҚ бағрига жойлашган овули ёдига тушиб, юраги эзиларди. Елкаларига бўркларини ташлаб олган овул оқсоқоллари гулхан атрофида суҳбат қуришарди. Эргашиб чиққан набираларни боболари бўркка ўраб олишарди. Булар орасида Тенгиз ҳам бўларди. Улар худди халтадан бошларини чиқариб жавдираётган кенгуру болаларига ўхшаб кетишарди. Боболари уларни совуқдан асрамоқчи бўлишарди. Аммо болачалар «кенгуру халтасида» узоқ ўтира олишмасди. Типирчилайвериб, боболарининг жонларига тегаверишгач, «озодлик»ка чиқишарди. Қорда югуриб-югуриб, думалаб-думалаб ўйнашарди...

Қани ўша озод онлар... Қани ўша меҳрли боболар... Қани уларнинг ёмон шамоллардан асрагувчи бўрклари... Қани она овул...

Ана шу ҳислар билан ўтирганида кимдир гулханга яқинлаша бошлади. Озод осмонлардан яйраб-ўйноқлашиб тушиб, то баҳорнинг иссиқ нафасига қадар ястаниб ётмоқни ният қилган қор оғир қадам юкига дош беролмай зорланиб ғижирлади. Тенгиз «ким экан бу?» деб ўгирилмади. У «азиз меҳмон»нинг шу кезлари келишини кутаётган эди, зийрак зеҳни бу сафар ҳам панд бермади.

«Азиз меҳмон» икки қадам нарида тўхтаб овоз берди:
— Салом, Княз!

Тенгиз саломга дарров алик олмади. Қўлидаги косов билан гулхандаги ўтинларни титиб қўйгач, орқасига ўгирилди-да:
— Ҳа, Чўмич, келдингми, ўтир, — деди.

Тенгизнинг ўрнидан турмагани, кўришмагани, атрофида хира пашша каби ҳар он ғинғиллаб ғашига тегувчи одамни кўргандай энсасининг қотиши сабабсиз эмас эди. «Мурик»нинг хоинлиги хусусидаги маълумот, гарчи текшириб, аниқланмаган бўлса-да, унга илтифот кўргазмоққа мутлақо йўл бермасди. Тенгиз ҳеч нарса билмагандай уни илиқ қаршилаши, гапни айлантириши мумкин эди. Лекин буни истамади. Чунки у айёрликка нисбатан тоғликларга хос мағрурликни афзал биларди.

Мурик Тенгизнинг совуқ муомаласидан ажабланмади. Аввало «княз» мартабасидаги бу йигитнинг довруғини эшитгани билан ўзини энди кўриши. Гарчи «қонундаги ўғри» деган мақомга Тенгиздан аввалроқ етишган бўлса-да, бу оламда етарли даражада ном чиқара олмаган эди. Шундай экан, довруқли ўғрининг бу қадар беписандлиги, табиий бир ҳол бўлмоҚи аниқ. Бироқ Мурик бу илтифотсизлик боисини яхши англади. Қамоқ лагерларида махсус топшириқ билан юргани ўғрилар оламига маълумлигини, ўзига «Мурик» деган лақаб тақалганини у билар эди. Бу ишга розилик берганидаёқ оқибатни — ўғрилар оламида лаънатга учрамоғи аниқлигини ҳисобга олган эди. Аммо тарозининг бошқа палласидаги ўлжа қаршисида бу лаънат арзирли гап эмасди. Таъбир жоиз бўлса, «қимор»га жуда катта бойлик тикилган эди. Мурик нафс олдида ожиз қолди — ўзини тўхтата олмай «ё ўламан, ё бойиб кетаман», деб таваккал қилди. «Илоҳий туйғулар руҳга ҳаёт берур, ҳайвоний орзулар ҳайвоний ҳисларга қувват берур», деганларидек, яхшилик кўчасидан юрмаган бу одамнинг ўзгача қарорга келмоғи мумкин ҳам эмасди.

Мурик Тенгизнинг елкасига кафтини қўйиб, гўё саломлашган бўлди-да, қаршисига ўтиб, ғўлача устига ўтирди.

Тентиз қўлидаги косов билан гулханни яна титиб қўйди. Тақдирга тан берганича оҳиста ёниб адо бўлаётган ўтинлар бу титкилашга дош беролмай фарёд чеккандай ҳисобсиз учқунлар сачратдилар: гўё ўлаётган ўтинларнинг безовта руҳлари осмонга сапчигандай бўлди. Бу ҳол узоқ давом этмай, аланга яна ўтинларни ямлаб ютаверди. Унинг мағрур тиллари учқунларни қувалаб юқорига интилди. Аммо ўчган учқунларнинг изларини тополмай тўлғонди.

Бир оламнинг икки фуқароси орасида гулхан ана шундай ҳунар кўрсатмоқда эди. Тенгиз кутилган меҳмонга қаттиқ тикилди. Мурик эса бу нигоҳни сезмагандай хотиржам ўтирди. Тенгиз ундан кўзларини узмаган ҳолда умрини яшаб бўлган ўтин чўғлари остидан картошкани косовда тортиб олди-да, Мурик томон сурди. Биттасини ўзи томон тортди. Чўғда пишиб етилган картошкалар пўстлари арчилиб, еб адо қилингунча гап сўз бўлмади. Ташқаридан кузатган киши буларнинг бирдан-бир мақсади гулханда исиниб, картошка ейишдан иборат деб ўйлаши мумкин эди.
— Чўмич, — деди ниҳоят Тенгиз, — сен катта ишлар қилиб юрган одам эдинг. Уйни уришга уриб, роялда ўйнаганингга1 ҳайронман.
— Атай қилдим бу ишни, — деди Мурик хотиржам тарзда. — Олдинроқ зўр бир ишни дўндириб қўйган эдим. «Иш» босди-босди бўлгунича озгина саёҳат қилиб кела қолай, дедим. Бир хунаса билмай туриб гап тарқатиб юборибди. Княз, сен ақлли одамсан, ҳар қанақа гапларга ишонаверма. Мен номига иснод келтирадиган қанжиқлардан эмасман.
— Сен иснодга қолиб бўлгансан, Чўмич.
— Бир хунасанинг сассиқ иғвоси билан иснодга қолавераманми?
— Хунасанинг иғвоси... дегин. Яхши. Унда Гобелян билан нима учун учрашдинг? Сенинг ишинг раён прокуроридан нарига ўтмайдиган эди. СССР прокуратурасида нима қилиб юрибсан?

Мурик бу саволдан гангимади. Бироқ, жавоб қайтаришга ҳам шошилмади. Бошини эгиб, совуқда эти жунжиккандай бўлиб, кафтларини гулханга тутди.
— Айтсам, ишонмайсан, — деди у шу ҳолатда. — Бир шилта ишга аралаштирмоқчи бўлишди.
— Қанақа шилта иш экан?
— Икки йил олдин бир «товуққа» бориб юрардим. Ўшани ўлдириб кетишибди.
— Қанақасига қутилдинг?
— Алиби! Ўша куни мен Чоржўйда эдим. Қариндошларникига тўйга борувдим. Нафсим бузуқлик қилиб кўп еворибман. Ичбуруқ бўлиб тўрт кун касалхонада ётдим.
— Гобелян ишондими шу баҳонангга?
— Нега ишонмасин?
— Ё Гобелян аҳмоқ, ё сен. Ёки... мен.
— Нега... ахир...
— Мурикжан... — Тенгиз бу сўзни армани лаҳжасида, эркалаш оҳангида айтди, — Мурикжан... Сен айтган шилта иш билан МУР шуғулланяпти. Гобеляннинг иши бошқа. Ўзбекистоннинг тит-питини чиқариб юрган одам бир шилта ишни деб бир шилта ўғри билан коняк ичарканми?
— Коняк ичганим йўқ.
— Сен қулоққа лағмон осма, Мурик. Сенинг тақдиринг ҳал этилган. Гобеляннинг хонасидан чиқишинг-да ўзингга ўзинг ҳукм ўқигансан. Агар юрагингда бир томчигина ҳалол ўғрининг қонидан қолган бўлса ҳам ҳукмни ўзинг ижро этишинг керак. Ўзингни ўлдирсанг, яхши ном билан кетасан. Биз ўлдирсак, «қанжиқ» деган ном кафанинг бўлади. Бошқа йўлинг йўқ, Мурикжан.
— Княз, иккита йўл бор жойда учинчиси ҳам топилади. Менга имкон бер.
— Гобелян нима деди сенга?
— Бу гап иккимизнинг орамизда қолиши керак, княз. Бу жуда нозик масала.
— Сен менга шарт қўйма. Гап шу ерда қоладими ё телетайпга қўяманми, ўзим ҳал қиламан.
— Яхши, Княз. Мен сенинг ақлингга ишонаман. Гобелян аввалига мени ўша шилта иш билан қўрқитмоқи бўлди, ишон. Кейин бир таклиф айтди. «Яқинда катта «ов» бўлади. Атрофингга ишончли ўғриларни тўпла. Агар шартимизга кўнишса, ҳам озод бўлишади, ҳам бойиб кетишади. Вазифа қойилмақом қилиб бажарилса, то ўлгунларича уларга тегмаймиз», деди.
— Қанақа вазифа? Қанақа «ов»?
— Унисини аниқ айтмади. Гапининг мазмунига қараганда «Ов» Ўрта Осиёда бўлиши керак. Вазифамиз — ғалва чиқариб бериш бўлади. Қолганини ўзлари эплашади.
— Яхши вазифа олибсан... Демак, сен ўғриларни эмас, қанжиқларни тўплашинг керак экан. Сен мени қанжиқ деб юрармидинг?
— Княз, ундай дема. Сен мен ҳурмат қилувчи энг буюк ўғрилардан бирисан. Улар бизга яхши иш таклиф қилишди. Эвазига умрбод эркинлик...
— Ҳукуматнинг ҳар қандай ишига ёрдам бериш қанжиқлик эканини унутибсан, Мурик!
— Бу алоҳида бир имконият, Княз. Ўғрилар оламига катта фойда келтиради.
— Фақат иснод келтиради.
— Яхши, княз. Мен бу таклифни фақат сенга айтдим. Агар сен буни қанжиқлик деб ҳисобласанг, майли, мен ҳам бу ишга қўл урмайман. Икки йилни эплаштириб, тинчгина юравераман.
— Шундай қил: тинч юравер, — Тенгиз бу гапни айтиб заҳарли илжайди.

Мурик суҳбат якунига етганини англаб, ўрнидан туриб нари кетгач, Тенгиз у ўтирган томонга қараб тупурди. Унинг тупуги гулханнинг оловли бағрини ёриб ўтолмади — манзилга етолмади.

Гулхандан узоқлашаётган Мурик «Князни ишонтирдим», деб енгил тортиб янглишган эди. Тенгиз у ўйлаган даражада бефаҳм эмасди. Гобеляннинг асл мақсади унга ҳозирча аниқ бўлмаса-да, Мурикка «катта ов»ни ваъда қилганига ишонмади. Ишонмаслигига бир қанча сабаблар мавжуд эди. Агар чиндан ҳам «катта ов» бўлса, буни аллақандай «Чўмич»га қўйиб бермайди. Бу ёқда Арутюнан, Нерсесян, яна аллақанча наҳанг балиқлар турганида бу итбалиққа бало борми? Гобелян ўзининг «ян»ларини ишга солмадими, демак, «ов» катта эмас. Ўмон ном чиқаришга арзимайди. Бу бирламчи сабаб. Иккиламчиси — прокуратура жанжал чиқариш билан шуғулланмайди. Тенгиз Мурик билдирган ишдан исқирт бир сиёсат ҳиди анқиётганини сезди. Демак, Мурик Гобеляндан ташқарида яна бир киши билан учрашган. «Аммо ким билан, қаерда? Агар уч ҳарфлиларга аралашган бўлса, иш жиддий, — деб ўйлади Тенгиз. — «Ов» балки уларнинн режасидир? Унда Гобелян нима деган бу қанжиққа?» Муаммо ботқоғига ботаётган Тенгиз косовни жаҳл билан бир-икки гулхан бағрига санчди. Ўтинларни оҳистагина ямлаб ютаётган гулхан алангаси норизо ҳолда бир тўлғонди-ю, яна юмушини давом эттираверди.

Меҳмон узоқлашгач, баракнинг дарчасидан хожасини кузатиб ўтирган Пачоқбурун ўрнидан турди-да, елкасига пахталигини илиб, ташқарига чиқди. Гулхан томон борсамми, ё йўқми, деган ўйда бир неча нафас турди-да, сўнг «бирон амри бордир», деган ўйда хожаси томон юрди.

Тенгиз рўпарасидаги ғўлачага ўтирган Пачоқбурунга бир қараб олди-ю, индамади. Гапириш ўрнига амрни ижро этмоқни афзал билувчи Пачоқбурун бекорга қараб ўтирмаганини билдириб қўйиш учун сўз айтди:
— Жмура1, — деди у сўнг овозини баландлатиб қайтарди: — жмура! — сўзига хожаси томондан эътибор бўлмагач, қўшимча қилди: — елканларини поралаб ташлаш2 керак.

Тенгиз унинг бу ҳукмини эшитиб, унга ўқрайиб қаради.
— Оғзингни юм!3 — Тенгиз шундай деб чирт этиб тупурди-да, «Биковатий»4 деб минғирлаб қўйди. Тенгиз бу «унвонни» тез-тез ишлатарди. Овоз чиқариб айтган маҳаллари ҳам кўп бўларди. Бу қамоқ лагерига келиб, «тахт»га ўтирган онида Пачоқбурунни «хос навкарлик»ка тавсия этаётган Қўтос «ўзи биковатий бўлгани билан ишимизга садоқати зўр», деб таърифлаган эди. Тенгиз таърифнинг иккинчи қисмини қўйиб, биринчи бўлагига эътиборини қаратган эди. Баъзан шундай тўнкага рўпара бўлгани учун тақдиридан нолиб қоларди. Аммо тур деса туриб, ўлдир, деса ўлдириб келувчи одамнинг онг даражаси бундан ортиқ бўлмаслигини билгани учун ҳам чидар эди.

Пачоқбуруннинг ҳозир рўпарага келиб ўтириши ёқмади, ғашига тегди.
— Сен жучокларга тайинла, бундан узоқроқ юришсин. Аммо ҳар бир қадамини кузатишсин. Айтиб қўй, ким бунга яқинлашса, трамвайга қўйилади.
— Хўп, — деди Пачоқбурун мутелик билан.
— Гапимни эшитдингми?! — деди Тенгиз зардали оҳангда.
— Эшитдим. Ҳаммасига айтаман.
— Эшитган бўлсанг, тухум босиб ўтирмай, тур ўрнингдан!

Пачоқбурун келиб ўтиргани хожасига ёқмаганини англаб, ўрнидан турди-да, барак томон юрди. Остона ҳатлай деганда орқадан овоз келди:
— Менга Ҳамзатни топиб кел!

Амрга итоат этмоққа одатланган Пачоқбурун остона ҳатламай, елкасидаги пахталигини кийди-да, дарахт кесаётганлар томон юрди. Дарахт арралаётган Нуриддинга яқинлашиб, одатига хилоф қилмаган тарзда «Бу ёққа юр», деб тўнғиллади-ю, изига қайтди. У амрга сўзсиз итоат этилмоғига ишонгани учун ҳам «келяптимикин?» деган хаёлда орқасига қараб ҳам қўймади. Пачоқбуруннинг ким эканини яхши билган назоратчи аррани қўйиб, унга эргашган Нуриддиндан «қаёққа кетяпсан?» деб сўрамади ҳам.

Нуриддин гулханга яқинлашиб, салом берди. Тенгиз саломга алик олгач, рўпарадаги ғўлача томон имлаб «ўтир», деди. Нуриддин ўтиргач, косовнинг учи билан чўғни титиб, орасидаги картошкани у томон сурди. Биттасини ўзи олиб, совутиш учун у кафтидан бу кафтига отиб ўйнади.
— Мусулмонларнинг афзал томони нимада, биласанми? — деб сўради у картошка пўстлоғини арчаётиб.

Нуриддин «билмайман, ўзингиз айта қолинг», дегандай унга қараб, елка қисиб қўйди.
— Афзаллиги шундаки, мусулмон ҳамиша бошқаларга яхшилик тилайди. Мана, сен менга соғлик тилаб яқинлашдинг. Мен эсам сенга сиҳатлик билан бирга Оллоҳнинг раҳматини сўрадим. «Бу ўғри бунақа гапларни қаердан билади?» деб ҳайрон бўляпсанми? Мен бобомдан эшитганман бу гапларни. Менинг фожиам нимада, биласанми? Чин мусулмон бўла олмаганимда. Бобомнинг чизиғидан чиқмаганимда бу ерда картошка еб ўтирмас эдим.
— Энди афсусланяпсизми?
— Афсусланишимдан фойда йўқ. Бу ҳам дунёнинг бир синови-да. Ўлмасам яна Худони таниш йўлига ўтарман. Лекин... унда кеч бўлиб қолиши мумкин. Фиръавнни эшитганмисан?

Нуриддин «йўқ» деб бош чайқади.
— Ҳа, эшитмагансан. Қадимда Миср подшоси бўлган. Ўзини Худо деб билган экан. Ўша аҳмоқ Мусо пайғамбарни қувиб бораётганида сувга чўккан экан. Ўлаётиб «бўлди, Худони танидим», деганида Худо ҳам «Энди кеч!» деган экан. Бу жуда кучли фалсафа, Ҳамзат! Ҳаётда кечикмаслик муҳим, жуда муҳим!
— Кечикмаслик учун ҳозирдан бошласангиз-чи?
— Ҳозирдан? — Тенгиз унга қараб жилмайди: — Ҳозир йўл йўқ... Ҳамзат, бир янги одам келди. Сен у билан гаплашибсан. Кимлигини биласанми?
— Йўқ, ўзи келиб гап бошлади.
— Нима дейди?
— «Бизлар мусулмон фарзандларимиз, бир-биримизни қўллаб-қувватлайлик», деди.
— Ўша тўққиз қайтган энди мусулмон бўлиб қолибдими? Билиб қўй: у бир мараз! Ундан нарироқ юр. Аммо ҳаракатини кўздан қочирма.
— Ким ўзи у?
— Вақти келса билиб оласан. — Тенгиз шундай деб ўрнидан турди-да, барак томон юрди. Нуриддин эса изига қайтди.

Осмон узоқ

Бу одамнинг гаплари Турсуналига мойдек ёқди.

«Мен қамалавериб пишиб кетганман. Сенда мусулманин, менда мусулманин. Бир-биримизни суяб юрмасак, бу ҳаромилар бизни ебда юборишади. Земляк, яхши одамлигингни қора кўзларинг айтиб турибди. Унча-мунча одамга сўзимни ўтказа оламан, қамоқларнинг тупроғини бекорга яламаганман. Сен менга суянавер...» Бунақа ёқимли гапларни ўзига яқин олиб юрган Нуриддиндан ҳам эшитмаган эди. «Кўзлари совуқ бўлса ҳам Худо кўнглига яхшилик солибди. Худо менинг раҳмимни еганга ўхшайди», деб ўйлади у. Қамоқхоналар тупроғини ялайвериб тўйиб кетган бу «меҳрибон»нинг кўнгли нима учун ийиб кетганини у яна уч-тўрт кундан кейин билади. Ҳозир эса... Худога шукур қилади. «Худо тавбамни қабул этди», деб кўнгли таскин топади. У қўлларига кишан солингандан бошлаб Худони тилдан қўймайди. Дам тавба, дам муножот қилади. «Гуноҳим бўлса кечир», дейди. Ҳа, айнан шу сўзлар учади тилидан. «Ё яратган Эгам, мен гуноҳкор бандангман, билиб-билмай қилган гуноҳларимни кечир», демайди. «Гуноҳим бўлса кечир», дейди. Ҳаром-хариш юриб, еб-ичганларини гуноҳ эмас, одатий яшаш тарзи деб билади. Зино қилаётган пайтда Худони эсламаган эди. Қўлларига кишан тушиши билан ёдга олди. «Шайтон васвасаларидан қутқар» деб сўрамаган эди, «қамоқдан қутқариб ол» деб нолалар қилди. Бировларнинг ҳаққини еганида бу дунёнинг ҳисоб-китобли эканини унутган эди, қамоқ зиндонида хотирлади. «Нафс балоларидан қутқар» деб сўрамаган эди, «зиндон азобларидан қутқар», деб фарёдлар қилди. Емоқнинг қусмоғи борлигини билмагандай юрди, тепки зарбидан қайт қилганида бу ҳақиқатни англагандай бўлди. «Нафсимни ўлдир», деб сўрамаган эди, «ўзимни ўлдирма», деб таваллолар қилди.

Банданинг ҳоли шу: гўё у ёки бу ишнинг гуноҳ эканини билмагандай юраверади. Боши деворга урилиб, зарба туфайли кўзларидан учқунлар сачраганида Тангрини эслайди. Сўнг «гуноҳларим бўлса кечир», дейди. Шундай дегани ҳам катта гап. Баъзан «Э Худойим, қайси гуноҳларим учун мени бунчалик қийнайсан?» деб зорланиб ҳам қўяди. «Ҳаромдан сақлансам эдим, нафсимни тия олсам эдим, бунчалар хорликка йўлиқмас эдим», деб ўзини айбламайди. Билъакс, «Фалончи мендан кўпроқ еган эди, бегона тўшакларни мендан кўра кўпроқ гуллатган эди. У ялло қилиб юрибди, мен эсам бунда ҳорман», деб Худони адолатсизликда айблаб ҳам қўяди. Ҳар бир одам ўз амалининг асири эканига эса фаҳми етмайди.

Дунё бамисли бирданига кўкариб тезда қуриган далага ўхшашини, эҳтиётсизлик қилинса бу манзара кишини алдаб қўяжагини, алдангач эса, бир куни ҳаёти сарғайиб сўла бошлагач, маъюс ва ғамгин бўлажагини англамайди. Дунёни фоҳишанинг қучоғидай тотли деб ўйлайди. Дунёнинг ботқоқ юзасини қоплаган ўтлоққа ўхшашини, ўйламай ташланган ҳар бир қадам бот-қоққа ботиражаги мумкинлигини фаҳм этмайди.

Турсунали шундай бандалардан бири. У марҳамат сўраб Худога кўп ёлборади. Аммо иймон калимаси билан юмшамаган тилдан учган бу ёлборишлар қабул бўлармикин, валлоҳи аълам?! Инсонларни саломатга, саодатга эриштирувчи ягона нарса иймондир. Бани Одам ҳар қандай ёмонликни фақат иймон билангина енгажагини ва ҳар бир зафарга фақат иймон билан эришажагини англаб етмоқ шу қадар мушкулми? Дунё тўплашга етган ақл бу ҳақиқатни тушунишга келганда қосирлик қиларми? Ёки буни фаҳм эта олмасликка қалбларнинг муҳрлангани сабабми экан?

Турсунали бир муттаҳамнинг алдов сўзларига маҳлиё бўлиб «Худо менга марҳамат қилди», деб ўтирибди. Нодон банда билмайдики, бу одамнинг рўпара бўлгани — гуноҳларига яраша ваъда қилинган ажрларнинг давомидир. «Гуноҳим нима эди?» деб янада баттар йиғлатадиган дақиқаларнинг дебочасидир.

Тангрининг марҳаматига эришмоқ осон эди. Нафсни тиймоққа куч топса, сабр эта олса, кунни шукр билан ўтказса бас эди. Бу унга оғир туюлиб, янада машаққатлироқ, азоб оролига етакловчи йўлни танлади. Ҳамонки шу орол насиб этган экан, ўзи пиширган ошни ичмоқдан ўзга чораси йўқдир!

Турсунали Мурикнинг ширин сўзларига маст бўлиб ўтирганида пастдаги каравотда ётувчи «қўшни»си бехосдан «Аблаҳ, мараз!» деб қичқириб юборди. Сўнг қўлидаги мактубни пора-пора қилиб йиртди. Кейин эса дуч келган нарсани тортқилаб, ирғитаверди. Бунга ҳам қаноат қилмай каравотни маҳкам чангаллаганича силкита бошлади. Атрофдагилар «ҳай-ҳай»лаб ушлаб қолишмаганида Турсуналининг тепадан ерга қулаши аниқ эди.

Чорасиз одам жойига ўтириб йиҚлай бошлади. Дунёдаги энг аянчли нарса балки эркакнинг йиғлашидир. Қамоқ лагерларида эса тез-тез учраб тургани учунми аянчли туюлмайди. Кундузлари буталар панасида, тунлари эса ёстиққа ҳасратларини тўккан тарзда йиғлаш одатий ҳол. Лекин бу чорасиз одам каби ҳўнграб, елкалари силкиниш даражаси йиғламоқ камёб ҳодиса. Шу сабабли ҳам «Нима бўлди, нега додлаяпсан?» деб сўрагувчилар топилди. Чорасиз одам аввалига қўл силтаб қўйиб жавоб бермади. Дам ўтмай кўз ёши дарёси қуриб, ҳасрат денгизи эса тоша бошлагач, дардини айтди:
— Хотиним мендан ажралишибди. Аблаҳ, ифлос! Ахир мен уни севардим. Мен уни деб ўтирибман бу ерда. Одамни мен босмаганман. Рулда унинг падарлаънати укаси эди. Машинамни яширинча олиб чиққан экан, ҳайвон! Хотиним «ёлғиз укамни қутқариб қолинг», деб ялинса, мен лақма бўйнимга олиб ўтирибман.
— Укаси ёлғизмиди?

Чорасиз одамнинг талвасасини энсаси қотган тарзда кузатаётган Қўтос шундай деб унга яқинлашди.
— Ҳа, биттагина укаси бор эди.
— Эри-чи? Эри нечта эди?
— Тушунмадим, ўртоқ, бу нима деганингиз?
— Укаси битта, аммо эри битта эмас экан, демоқчиман.
— Ундай деманг, биз бир-биримизни севар эдик.
— Бурнингни арт! Ҳе, мишиқи! — Қўтос шундай деб ҳеч бир кутилмаганда тарсаки тортиб юборди. Зарбнинг зўридан чорасиз одам ёнбошлаб қолди. Тарсакидан қаноатланмаган Қўтос унга қараб тупурди.
— Сен ҳам эркакман, деб юрибсанми? Бир-бирини севар эмиш! Билиб қўй, «севгилим!» деб қучоқлаганида хаёлида сен эмас, кетворган ўйнаши туради. Ҳезалак! Хотинларни сенга ўхшаган ҳезалаклар бузади. Эплаш қўлларингдан келмаса нима қиласанлар уйланиб?! Шу ҳолларингга яна кўнгилларинг бегоналарни ҳам тусайди. Сен ҳам борармидинг бегонага? — Юзини силаб ўтирган чорасиз одам индамади. — Борардинг. Бегона билан ўпишаётганингда хотинчанг ҳам бегона билан айшини сурарди. Сенларнинг ҳаётинг мана шунақа ахлат. Хотининг сени қўйган бўлса нима бўпти? Бу ерда ўлиб кетмасанг, чиқиб, бошқасини топасан. Юзта эр кўриб тўймаган шилта бир ишваси билан кўзингга қиздек кўринадию, тамом, унга уйланасан. Бир-бирларингни севиб юраверасанлар. — Қўтос шундай деб чорасиз одамнинг оёғига тепди-да, сўкинганича нари кетди. Солиқни вақтида тўламаган маҳбуснинг масаласини ҳал қилишга кирган Қўтос ишни пишитиб, чиқиб кетгунича биров лом-мим демади.

Бу ердаги бемаъниликларга, бекордан бекорга сўкишлару уришларга кўникиб қолган Турсунали чорасиз одамнинг калтаклангани боисини тушунмади. Ҳар қандай шароитда ҳам ўзини четга олиш тинч ҳаётини таъминлаяжагини англаб етган Турсунали яна жойига чиқиб ёнбошлади. Чорасиз одам эса йиғламасираб, ўзича бир нималар деб ўтираверди. Унга дардкаш топилмади. Олам-олам дардни елкаларида ортмоқлаб юрган одамларга бегона дарднинг ҳожати бор эканми? Шулар каби Турсунали ҳам ўз дардининг асири эди. Ҳозирги воқеа сабаб бўлиб, кўз олдига хотини келди. Шу пайтга қадар «хотиним мен билан ажралиши мумкин», деган фикр хаёлига келмаган эди. Одатда эр хотинни қўйгувчи эди. Хотин «жавобимни беринг», деб сўрагувчи, эр жаноблари эса ҳушларига келса талоқ хатини бергувчи эдилар. Ажиб замоннинг ажиб қонунларини қарангки, энди хотин эрни қўядиган бўлибди. Яна «қамоқдаги эримни қўйдим», деса қонун ҳам «хўп» деяверар экан. Турсунали шунисига беш кетмади. Ҳозир кафтларини болиш қилиб шифтга тикилиб ётар экан, «Битта аҳмоқнинг гапига кириб Матлуба ҳам ажралишса-я?!» деган фикр хаёлига урилиб даҳшатдан сапчиб кетаёзди. Даврини суриб юрган кезларида хотини «жавобимни беринг» деб қолса, кўп ҳам таранг қилмаган бўларди. Матлуба баъзан нолиб қолса «Чидасанг шу, чидамасанг тўрт томонинг Тошкент» деб ажралишга шаъма қиларди. Ҳозир эса «ажралиш» деган сўз уни даҳшатга солди. «Йўқ, ажрашадиган бўлса ўйнаш билан тутганида ташлаб кетарди. У мени яхши кўради», деб ўзига ўзи тасалли берди. «Яхши кўрарди...» — «Биз бир-биримизни севардик...» — «Билиб қўй, «севгилим!» деб қучоқлаганингда хаёлида сен эмас, кетворган ўйнаши туради!...» — «Бегона билан ўпишаётганингда хотинчанг ҳам бегона билан айшини суради...»

Бу гапларни эслаб Турсуналининг юраги увишди. Шу пайтга қадар хотини бегона эркак билан дон олишмоғи мумкинлигини ўйлаб ҳам кўрмаган эди. «У ҳам тирик жон, унда ҳам нафс бор. Шайтон уни ҳам васвасага солади», деган фикрдан узоқ эди. «Ўйнаш билан нафсни қондириш эркакка ярашади. Хотин ўз эрига садоқатли бўлмоғи шарт!» — Турсуналининг бу соҳадаги фалсафаси шундан иборат. У ўзининг бузуқлигини хиёнат деб ҳисобламаган, агар биров унга «бу қилиғинг оила деб аталмиш оппоқ, покиза дастурхон устида балчиққа ботган оёқлар билан юришдир», деса заҳарли жилмайиб «Бу йигит учун айб эмас, йигит кишига қирқта хотин оз», деб қўйган бўларди. Агар ўша одам «Бир жувонга қирқ эркак оз», десами, «Жинни экансан!» деб сўкиб бериши аниқ эди.

«Бегона билан ўйнашаётганингда хотинчанг ҳам...»

«Йўқ, — деди Турсунали ўзига ўзи, — Матлуба бунақа ҳаромдан ҳазар қилади...»

«Ҳаромми бу иш? Сен ўзинг нима учун ҳазар қилмадинг?»

Кимдир шундай деб қулоғи остида пичирлагандай бўлди.

Ғойибдан берилган бу саволга жавоб қайтара олмади. Чунки ҳаромдан нима учун ҳазар қилмаганини ўзи ҳам билмас эди. Шаҳарга тушган кезлари маишат қилган дамларида кўз сузиб турувчи офатижонлар устидан пул сочган онларида буларнинг фоҳиша эканини, кечагина ёки бир соатгина муқаддам бошқа бир эркак кўнглини овлаганини, эртага ёки бир неча соатдан сўнг бу аҳвол такрорланаяжагини, унга «жонгинам» деб чўччаяётган лаблар ўнлаб ёки юзлаб эркакка ишва қилгани ва қилажагини ўйламас эди. Нафсни қондиришдан ўзга нарсани билмасди. То заҳмга чалингунига қадар пала-партиш юрди. Сўнг танлайдиган бўлди. Танлагани қурсин! Пул эвазига ўзини сотувчи аёлнинг яхши-ёмони, тозасию ифлоси бўларканми?! Оқ ит билан қора итнинг фарқи бўлмаганидек, буларда фарқ йўқлиги, барчаси «фоҳиша», «бузуқ», «шилта»... каби «унвон»лар билан хорланишини унинг оқсоқ фаҳми идрок қила олмас эди.

Иштони йўқнинг ҳадиги чўпдан, деганларидек, ўзи ботқоққа ботгани ҳолда, покиза одамнинг этаги лой эмасмикин, деб гумонсираши қизиқ. «Йўқ, бегонага яқинлашмоққа ҳаққи йўқ!» деб ҳукм чиқармоғи унданда қизиқ. Уйидаги покиза тўшакка ўйнашини бошлашдан ҳазар қилмаган одам «ҳаромдан ҳазар қилиш» хусусида ўйлагани янада қизиқроқ.

Хотинининг кўрпа-тўшакларни куйдириб ташлаганини билиб, «бунақа аҳмоқ хотин дунёда ягона бўлса керак», деб ўйлаган эди. Ҳозир ўша воқеани эслаб, юраги увишди. «Бу маллавойнинг хотини бошқа. Матлуба ҳаромдан ҳазар қилади», деган фикри қатъийлашди. Соғинган қалбига бир илиқлик югургилади. Аммо... бу қалбнинг тўри Нафисага бўшатиб берилган эди. Манфий ва мусбат булут парчалари яқинлашганида яшин чақнагани мисол юраги бир санчди. Ҳаромга ўрганган кўнгил покиза ҳисларга ўрин бермоқни ихтиёр қилмади. Нафс тарозисининг Нафиса турган палласи босиб кетаверди.

Кўтоснинг ҳозирги гапига қадар хотинини гумон қилмаган, бировдан қизғанмаган эди. Бироқ... Нафисани қизғанарди. Уни дўстига «ошириб» юборганидан кейин, ҳатто ошнасидан ҳам қизғанадиган бўлди. Самандар оғушида ишва қилаётган Нафиса кўз олдига келса баданига муз югурарди.

Райком тахтини эгаллаш учун йўл очилганида «ўйнаш ҳақидаги маълумот тўғаноқ бўлиши мумкин», деган огоҳлантиришдан сўнг Нафисани дўстига «узатган» эди. «Гилам сотсанг қўшнингга сот, бир чеккасида ўзинг ўтирасан», деганлари шу-да! Хотиндан куйган Самандар хотинидан ажрашиб дўстига арзи ҳол қилганида Турсунали қулай фурсат келганини фаҳмлаб, кайфи ошиб чулдираб қолган ошнасига Нафисани рўпара қилди. Нафиса йиғлади, таранг қилди, сўнг тайинли бир эрга, яна тўғри Москва билан гаплашадиган олим эрга эга бўлишини англагач, кўнди. Самандар эрталаб бир қизнинг «қизлик номусига» тегиб қўйганини билиб, қўрқиб кетди. Қўрқитишмаса ҳам бу гўзал жувонга уйланишга жон-жон деб кўнаверарди. Хуллас, «гилам қўшнига сотилди», «бир чеккасида роҳат ила ўтирмоқ» эса давом этди. Бироқ, «гилам эгаси нима учун гиламда ўтиради?» деган ҳасад қалбини ёндираверди. Аслида «гиламни» сотмаса ҳам бўларкан. Райкомга олиб боради, деб фараз қилинган йўл алдамчи экан, чиройли жилва қилаётган бу йўл бирдан қоронғулашди-ю, тахтга эмас, зиндонга рўпара қилди...

Битта қозонда икки қўчқорнинг калласи қайнамайди, деганлари балки муболағадир. Қозон катта бўлса ўнта калла ҳам қайнар. Аммо битта юрак икки аёлга бир хилда меҳр-муҳаббат бера олмаслиги аниқ. У қалбини хотини Матлубага тўлиқ бўшатиб беришни истаса ҳам, ҳаромлик булоғидан сув ичишга кўниккан нафс талвасага тушиб, Нафисани унутишга йўл қўймайди. «Матлубадан нима кўрдинг? Тўғри, аввалига тотли эди, кейин чайнаб ташланган туршакнинг ўзи бўлди-қолди. Эгов эмасмиди у? Ҳар куни умрни эговламас эдими? — дер эди нафс балоси. — Нафиса-чи? Бу дунёнинг лаззатини ким берди? Нафиса! Нафиса бор жойда жаннатни орзу қилишнинг ўзи кулгили эмасми? Мингта Матлубани тўпласанг биттагина Нафисанинг тўшакдаги тўлғонишига етмайди...» Шундан сўнг кўзларини юмиб, ўзини Нафисанинг қучоғида кўрарди. Ҳаммасини унутарди: аҳли аёли, фарзандларини ҳам, Худонинг балоларига учраганини ҳам, бундаги азобларни ҳам...

Шундай бўлиб келган эди. Ҳозир, хотинидан тириклайин ажралиб пиқиллаб ўтирган нотавоннинг аламли ноласи уни сергак торттирди.

«Бу азоблардан қутулиб боргач, сени кутиб оладиган ким? Матлуба! Болаларинг!.. Сен улардан бошқа яна кимга кераксан? Ҳеч кимга! Қариганингда шулар асқотади. Сенга бир бурда нонни шу фарзандлар беради. Ўлганингда шулар олиб бориб кўмади. Сендан бошқа эр бўлганида сабр-тоқати учун Матлубага ҳайкал қўярди...» Нафс пинакка кетган пайтларда ожиз виждоннинг пичирлаб айтган бу сўзларни энди сал қувватга киргандек бўлди. Аммо фалакнинг гардиши бир айланиб, «Мулла Турсунали, биз хато қилибмиз. Сиз айбсиз экансиз, озодсиз», дейилсами, қанот чиқариб уйга учарди. Учардию... икки-уч ҳафтада яна нафс қурғур Нафисаси сари етаклаб борармиди...

«Эй Одам фарзанди! Мен Аллоҳдурман. Бандаларни ўз қудратим билан яратдим, бас, кимларгадир яхшиликни ирода қилиб яхши хулқни бериб қўяман. Кимларгадир ёмонлик бўлишни ирода қилсам, унга ёмон хулқни бераман»,1 дейилуви бесабаб эмас. Аммо Одам боласига туғилганидаёқ ёмон хулқ берилмас, валлоҳи аълам. Бу ҳол шайтонга майлини берганларгагина насиб этгувчи. Дерларким, агар Одам боласи учун иш улуғ мартаба, иш ҳақи эса арзимас даражада бўлса, унинг олий жаноби меҳнатдир, аниқроқ баён этилса бу меҳнатни яратгувчиси Тангридир. Агарчи У учун иш иккинчи ёки қуйироқ даражада, иш ҳақи эса муҳимроқ ёки олийроқ мартабада экан, демак У иш ҳақининг қулидир. Иш ҳақининг хожаси эса шайтон экан, шайтонларнинг ҳам энг тубани экан. Ёшлик чоқларидаёқ ана шу энг тубан шайтонга муҳаббат қўйган Турсуналига яна қандайин хулқ насиб этмоғи мумкин эди? Зулмнинг ҳар туридан тотиб кўраётган бандага бу ҳақиқатни англамоғи учун яна қанча муҳлат керак, яна қанча синовлар даркор?

«Хотиним менга вафо қиларми ёки йўқми?» деган хавотир билан уйқуга кетган Турсуналини яна бир зулм ўз қучоғига олмоққа ҳозирланар эди.

«Сен-да мусулманин, мен-да мусилманин...» деган гаплари билан Турсуналининг меҳрини қозонган «меҳрибон» тушлик чоғида унга яқинлашди. Кулимсираб келаётган Мурикни Турсунали ўрнидан туриб қарши олди. Замоннинг ҳукмини қарангки, илгарилари фақатгина ўзидан устунлар билангина ўрнидан туриб саломлашадиган, юқори лавозимдагилар телефон қилишадиган бўлишса, овозларини эшитибоқ ўрнидан тура қуллуқ қилганича гаплашадиган одам энди бир тубан ўғридан эҳтиромини дариғ тутмаса...

Турсуналини елкасидан қучган Мурик «Земляк, аҳволлар ничук? Орқамдан юр, муҳим гап бор», деб пичирлаб, атрофга аланглаб олгач, бутазор томон бошлади. Турсунали ҳам беихтиёр равишда аланглаб қўйиб, унга эргашди. Қор босган бутазорда юриш оғир эди. Шундай бўлса ҳам Турсунали таканинг изидан борувчи нодон қўй сингари эргашаверди. «Гапингни шу ерда айтавер», демади. «Тенгиз эплай олмаётган ишни балки шу қойиллатар, мени ошхонага жойлаб қўяр», деган умидли ўй бўйнига сиртмоқ бўлиб тушган, сиртмоқ учини эса Мурикнинг қўлига тутган эди.

Мурик кутилмаганда тўхтаб, орқасига ўгирилди.
— Қалай, земляк, қизишиб олдингми? — деди у тиржайиб.
— Ҳа... энди... — деди Турсунали нима дейишни билмай.
— Сен золотой одамга ўхшайсан, земляк, сени бик яхши кўриб қолдим. — Мурик шундай деб отини эркалаган чавандоз каби Турсуналининг юзига енгил шапатилади.

Бу қилиқ Турсуналига эриш туюлиб тисарилди.
— Земляк, сен золотой одам экансан, — деб такрорлади Мурик унга қаттиқ тикилиб. — Сенинг ёрдаминг керак. Агар ёрдам қилмасанг бир одам хор бўлиб ўлиб кетиши мумкин.
— Мен... кимга.. қандай ёрдам қилишим мумкин?— деб ажабланди Турсунали.
— Арзимас ёрдам... тўртта ёки бештагина сўз айтсанг кифоя.
— Қанақа сўз?
— Қандай сўз дейсанми? — Мурик шундай деб унинг юзига яна енгил шапати урди. Бу сафар Турсунали орқасига тисарилишга улгурмади. Шапатилаган панжа уни кекирдагидан олди. — Земляк, менинг бир ошнамга пул керак. Бўлмаса ўлади.
— Менда пул йўқ, — деди Турсунали унинг қўлига ёпишиб. Шу онда Мурик тиззаси билан унинг нозик ерига тепиб, букчайтириб қўйди. Сўнг ихранаётган ўлжасининг ўзига келишини кутиб, сигарет тутатди. — Земляк, бу ерда пулинг йўқлигини биламан. Аммо уйингда анча пулинг қолган. Беркитган ерингни шу пайтгача ўзингдан бошқа ҳеч ким билмас эди. Энди бу сирга иккаламиз эгалик қиламиз. Мен ўғил болача иш тутаман: ҳаммасини олмайман, ярмиси ўзингга қолади. Ўзингни қийнамай қаерга яширганингни айт. Ҳозир билмасдан тиззам тегиб кетди. Билиб тепсам, ёмонроқ бўлади. Қани, айта қол.
— Нимани?

Бу савол Мурикка ёқмай, бир сўкинди-да яна кекирдакдан олди. Тизза зарбидан ҳали ўзига келолма-ётган Турсунали хириллади, ранги оқара бошлади. Мурик унинг аҳволини сезиб, кекирдагини қўйиб юборди-да, юзини силади:
— Сен золотой одамсан, земляк. Билиб қўй, шу пайтгача ҳеч ким менинг бир гапимни икки қилмаган. Мен сенинг изингдан шу ергача келдим. Аҳмоқ бўлиб қайтиб кетмайман. Сен эса... ё пулларингни қайга беркитганингни айтасан ёки баҳоргача шу ерда ётасан. Омадли одам бўлсанг, баҳорда суякларингни йиғиштириб олиб кўмишар. Худонинг қарғишига учраган бўлсанг сен хунасага шу ҳам насиб этмайди. Қани, ечин.
— Нега?
— Негалигини кейин биласан.

Турсунали яланғоч ҳолда музлаб ўлишни тасаввур қилиб, даҳшатдан титраб кетди.
— Айтаман, — деди у жон талвасасидаги одамнинг овози билан.
— Золотой одамсан демадимми?! Сени ўлдириш ҳайф. Қани, айт.
— Қишлоқда...
— Фақат «молхона тагига кўмилган», дема. У ер кавлаб ташланган.

Бу гапни эшитиб Турсунали ҳайратдан қотиб қолди. «Қаёқдан билади?» деб ўйлади. Қўлига кишан урилган дастлабки кунларда, дастлабки сўроқларда шундай деб алдаган, сўнг бунинг эвазига роса тепки еган эди. Ўлим хавотирида турган Турсунали ҳозир шуни эслади. Аммо «бу ўшаларнинг шеригими?» деган гумонга бормади. Молхонани айтишга оғиз жуфтлаган Турсунали учун бу огоҳлантирши дуруст бўлди.
— Ҳожатхонада ҳам дема, у ерни титадиган аҳмоқ йўқ. Бўл, айт. Билиб қўй: алдасанг, ит кўрмаган азобларда ўласан. Бу — бир. Уруғинг билан қурийсан, бу — икки. Тушундингми? Болаларинг ҳам ўзингга ўхшаб ўлади. Ўзинг биттагина бола бўлган экансан. Сендан ўша биттаси ҳам қолмайди.

Ўлим талвасаси, айни чоқда нажот умидидаги Турсуналининг кўз олдига Тенгиз келди. «Нима қилиб бўлса ҳам ўшанга етиб олсам бўлди», деган хаёлда яна бир марта алдашга қарор қилди. Бу ҳолда ҳам нафс ғолиб чиқди. Ўзининг жони эмас, ҳатто болаларининг жони эмас, беркитилган бойлигини сақлаб қолиш илинжи устун келди.
— Ҳозир айтаман, — деди Турсунали унга нажот назари билан боқиб.
— Айтасан, айтмай қаёққа ҳам борардинг. Сен билан биз мусулманинмиз, земляк. Бир-биримизни суяб-қўлламасак, хор бўлиб ўлиб кетамиз. Бойлик йўқ бўлиб кетадиган нарса. Сен бу ерлардан чиқиб боргунингча беркитган пулларинг чириб адо бўлади. Эрта-индин Горбач пулни алмаштирса бундан баттар бўлади. Сен золотой экансан, земляк. Тўғри йўлни танладинг: пулинг ҳам чиримайди, ўзинг ҳам бу ерларда чириб қолиб кетмайсан. Уйингга соппа-соғ кириб борасан. Пул дегани нима, биласанми? — Мурик шундай деб Турсун-алининг билагидан ушлади-да, кафтига сигарет кулини қоқди. Сўнг пуфлаб, бу кулни тўзитди. — Тушундингми, земляк? Энди ўзингга келиб олгандирсан, а? Бўла қол, таранг қилмай, айт.

«Бунинг орқасидан эргашиб келганимни Тенгизнинг одамлари кўрмадимикин? Ёрдамга келиб қолишмасмикин?» деган илинждаги Турсуналининг атрофга жавдирашини кўрган Мурик заҳарли тарзда тиржайди. У мамнун эди. Мурик турли жойларда, турли ҳолатларда, турли бойлардан пул ундирган, лекин бунақанги вазият, бунақанги одамга биринчи дуч келиши эди. Шу пайтгача ҳеч ким биргина тепки зарбидан бундай ҳиқиллаб қолмаган эди. Киевга «гастрол»га борганида Абрамович деган зиқнани тўрт кечаю тўрт кундуз темир қувурга кишанлаб, оч қолдириб, тепкилаганда ҳам айтмаган, тўрт кеча-кундуз нажот кутиб яшаган. Бешинчи куни ўлиб кетишига кўзи етгач, айтган эди. Бу одамга эса биргина тепки кифоя қилди. «Булардан қайси бири ақллироқ? — деб ўйлади Мурик, сўнг ўз қаричи билан ҳукм қилди: — Шуниси ақлли. Қийналиб жон бергандан кўра, бойликни осонгина бериб қўя қолгани дуруст...»

Мурик «Пул қўлнинг кири, пул чирийди, пулни Горбач алмаштиради...» деб ўлжасининг кўнглига ғашлик солгандай эди. Агар беркитилган бойлик қоғоз пулдан иборат бўлганида Турсунали бу қадар талвасага тушмасми эди. «Ўғилболача иш қиламан, ярмини оламан», дейди. Тиллаю жавоҳир, дуру гавҳарни кўрганда ким ярмига қаноат қилар экан? Турсуналини айблаш балки ноўриндир: бойликни пешона тери билан топмаган бўлса-да, тиллаю жавоҳирнинг жилоси юрак томирларига кўз илғамас нурлар билан уланган эди.
— Энди ҳаддингдан ошма, — деди Мурик унга тарсаки тушириб. — Золотой одам яхши гапнинг чегарасини билиши керак.
— Ертўлада... тўсинларнинг белига қўйилган еттита устун бор. Ўртадаги устуннинг тагида... — Турсунали шундай деб ютиниб қўйди-да, қассоб қаршисидаги қўзичоқ ҳолатида Мурикка мўлтиллаб қаради. «Қассоб» эса «ҳозир сўяйинми ёки яна пича семиришини кутайинми?» деган каби унга тикилди. Сўнг бир қарорга келиб, чўнтагидан буклама пичоқ чиқарди-да, тугмасини босди. «Айтдиму қутулдим, жоним фойдага қолди», деб кўнглига хотиржамлик оралаётган Турсун-али пичоқни кўриб, қўрқиб кетди.
— Ечин, — деб буюрди Мурик, совуқ оҳангда.
— Айтдим-ку! — деди Турсунали жон ҳолатда.
— Шу гапингга ишонадиган аҳмоққа ўхшайманми мен?
— Рост айтдим, гапим рост, ахир!— Турсунали йиғламсиради. — Нега ишонмайсиз? Устуннинг тагида чуқурча бор. Чуқурчада икки қават ёғоч қопқоқ бор.
— Сен тирик одамнинг терисини қандай шилишганини кўрганмисан? — Турсунали бу саволга жавобан жавдираганича бош чайқади. — Кўрмагансан, — деди Мурик пичоқни букиб, чўнтагига солгач. — Агар алдасанг — кўрасан. Уч-тўрт кун ичида кўрасан. Те-рингни шилиб, би-ир роҳатланаман. Унгача бировга чурқ этмайсан. Оғиз очишинг билан курагингнинг тагида шу пичоқни кўрасан. Бўлди энди, бор.

Турсунали қутулгани ростлигига бир ишониб, бир ишонмай изига қайта бошлади. Уч-тўрт қадам босгач, орқадан Мурикнинг овози келди:
— Земляк, иштонинг ҳўл бўлганга ўхшайди, алмаштириб ол, яна шамоллаб қолмагин. Сен менга тириклайин кераксан, — у шундай деб ҳиринглаб кулди. Турсунали орқасига қарамади.

У Мурикни алдамаган эди. Чиндан ҳам ертўладаги устун остида сандиқча бор эди. Аммо бу сандиқча бўш эди. Аниқроқ айтилса, бу сандиқча бир неча ҳафтагина асқотди — бойликларни бағрида яширди. Лекин Турсуналининг кўнгли тўлмай, тўплаганларини бошқа жойга кўчирди. Ҳозир ертўлани айтишга айтди-ю, «бунинг одамлари уйга борар, сандиқчани топиб очар, сўнг алданганларини билиб хотинимни сиқувга олишар, болаларимни қийнашар», деб ўйламади. Унинг учун ҳозир энг муҳими — ўз жонини қутқариш эди. Нияти амалга ошиб, Худога шукр қилган тарзда жойига қайтди. Маҳбуслар овқатланиб бўлишиб, ишга тарқалишаётган эди. Турсунали жавдираган нигоҳи билан Нуриддинни қидирди. Тушликдан аввал уни Пачоқбурун чақириб кетган эди, ҳали ҳам қайтмабди.

Турсуналининг қўллари ишда, кўзлари эса Нуриддиннинг йўлида бўлди. Мурик икки марта унга яқинлашиб «Ҳорма, земляк, чарчамаяпсанми?» деб кетди. Нуриддин иш охирлай деганида пайдо бўлди. Баракка қайтар маҳалларида Турсунали унинг енгидан аста тортиб, паст овозда:
— Тенгизни тез кўришим керак, — деди.
— Олиб борайми? — деди Нуриддин.
— Йўқ, бехит жойда кўришим керак. Анов янги келган одам ишкал чиқаряпти.

Нуриддин «янги» деганингиз ким?» деб сўрамади, чунки у гап ким ҳақида бораётганини дарров англаб етди. Нуриддин «қандай ишкал чиқаряпти?» деб ҳам сўрамади, чунки Тенгиз огоҳлантиргандаёқ шу одамнинг бир балони бошлашини фаҳмлаган эди. Лекин айнан Турсунали атрофида ўралашаётгани унга янгилик бўлса-да, ортиқча саволга ҳожат сезмади. Кечки овқат пайтида Тенгиз кўринмади. Шу сабабли Қўтоснинг ёнидан ўтаётиб «Князга зарур гапим бор», деб қўйди. Қўтос унга қарамаган ҳолда «тушундим» дегандай бош ирғади. Ўша кеч «политбюро»нинг йиғини белгиланган эди. Шу боис Тенгиз Нуриддинни йўқлатмади. Пачоқбурун уни эртасига, нонуштадан сўнг чақирди.

Қор бўралаб ёғаётганига қарамай Тенгиз одатини канда қилмаган — гулхан яқинидаги ўрнини эгаллаган эди. Бошига, елкаларига қўнган қорга қараганда у жо-йида кўпдан бери ўтирар эди.

Тенгиз Нуриддиннинг саломига алик олиб, унга қўл узатди. «Кел, Ҳамзат, ўтир», деб рўпарасидаги тўнкани кўрсатди.
— Нима бўлди?
— Янги одам Турсунали акага илакишиб қолибди. Бир ишкал чиқармоқчига ўхшаётганмиш.
— Ҳа... илинибди-да.. — Тенгиз шундай деб жилмайди. — Узумни йиғиштирадиган пайт келибди... Шу қорда ҳам узум йиғиштириладими, деб ҳайрон бўляпсанми? Бизда ҳикмат бор: бир ўргимчак қарасаки, узумзорда капалаклар кўп эмиш. Дарров тўрини тўқиб, овга киришибди. Узум пишган пайт экан. Боғбон узум узишни бошлабди-ю, ўргимчакни тўрларига қўшиб пачоқлаб ташлабди. Ўргимчакда нафс бор эди-ю, ақл йўқ эди, тадбир йўқ эди. Чўмичвой ўша ўргимчакка ўхшаган аҳмақ. Турсунали аканг эса капалакка ўхшаган аҳмақ.
— Чўмичвой?.. — Нуриддин кулимсиради. — Лақаби қизиқ экан. Ким ўзи у?
— Ким бўларди, бизга ўхшаган бир қул-да... Гапим ёқмади, а? Хўп, сенга ўхшамаган, менга, ҳамтовоқларимга ўхшаган бир қул. Сен эса озод одамсан. Пичинг қилаётганим йўқ. Чиндан ҳам ҳурсан. Шунинг учун сени яхши кўраман, сенга ҳавасим келади. Сен Эпиктет деган одамни эшитганмисан? Уни кўпчилик билмайди. Дунёда шунақа файласуф ўтган. Ленинградда ўқиб юрганимда унинг китоби қўлимга тушиб, эсимни тескари қилиб юборган эди. Битта фикрини айтиб берайми? — Тенгиз шундай деб иягини силади — гўё калаваниг учини топиб олмоқчидай ўйланди-да, синиқ овозда давом қилди: — «Дерларки, Инсон учун энг улуғ дунёвий неъмат — унинг озод ва ҳурлигидир. Агар озодлик неъмат экан, озод инсоннинг бахтсиз бўлмоғи мумкин эмасдир. Агар сен бахтсиз инсонга дуч келсанг, қайғу-ҳасратда ёнаётганига гувоҳ бўлсанг билки, у ОЗОД ЭМАСдир. У шубҳасиз, ким ёки нима томонидан эзилгандир. Агар озодлик неъмат экан, озод инсон аблаҳ бўла олмайди. Агар сен бир одамнинг бошқалар олдида паст кетаётганини, лаганбардорлик қилаётганини кўрсанг билки, у озод эмасдир. У бир қулдир. У бўйнини қуллик сиртмоғига тутиб, бунинг эвазига бир товоқ овқат ёки бирон мансаб, ёки шунга ўхшаш бирон нима ундирмоқ истайди. Ким озроқ манфаатга эришибди, демак, озроқ хушомад қилибди. Зўрроқ хушомад билан эса каттароқ бойликка эришади.

Озод одам ҳеч бир тўсиқсиз эгалик қилиш мумкин бўлган нарсага эгадир. Ҳеч бир тўсиқсиз нимага эгалик қилиши мумкин? Фақат ЎЗ-ЎЗИГА! Агар сен одамнинг ўз-ўзига эгалик қилмай бошқаларга ҳам ҳукм ўтказмоққа жазм этганини кўрсанг билки, у озод эмасдир. У бошқаларга ҳокимлик қилишни истадими, демак, у ўз истаги, нафси қулидир...»

Тенгиз шундай деб бошини эгди. Қўлидаги косов билан гулханни титди. Олов бағридан алам билан отилиб чиққан ҳисобсиз учқунларни қор зарралари ютди. Тенгиз ҳозир бир неча дақиқага ўғрилик ботқоғини руҳан тарк этиб, талабалик дунёсига, файласуф бўлиб етишмоқ орзусидаги йигитнинг покиза оламига қайтган эди. Нуриддин уни бу ҳолатда аввал кўрмагани сабабли ажабланганича ўтираверди. Унга бирон сўз айтиш ёки айтмаслигини ҳам билмади.
— Бу оддий гапларга ўхшайди, — деди Тенгиз бошини кўтариб. — Лекин уни тушуниш осон эмас. Амал қилиш эса, мушкул... жуда ҳам мушкул. Биз... ўғрилар, ўзимизни озод инсонлар деб ҳисоблаймиз. Бу нисбий тушунча. Аслида эса Эпиктет ҳақ — биз қуллармиз!.. Ана энди ўйлаб кўр: бу дунёда озод инсон кўпми ёки қулми? Мен Чўмични аҳмақ ўргимчакка ўхшатдим. Аслида биз ҳам ўша аҳмақ ўргимчакларнинг биримиз. Фақат қайси боҚбон қандай янчиб ўлдиришини билмаймиз. Бизнинг қисматимиз шу — бошқача бўлиши мумкин эмас... Шунақа гаплар ҳам бор бу дунёда, ошнам. Акангга айтиб қўй, талвасага тушмасин. Чўмични тинчита оладиган ақлимиз бордир.

Нуриддин суҳбат якунланганини англаб, ўрнидан турди. Ярим соатдан сўнг Пачоқбурун Турсуналини бошлаб келди. У келгунига қадар Тенгиз ўрнидан туриб, эгнига қўнган қорни қоқиб, гулхан яқинида у ёқдан бу ёққа юрди. Унга Мурикнинг мақсади оз бўлса-да аён эди. Собиқ совхоз директоридан нимани исташ мумкин? Пул. Балки Гобелян унга шу ишни топширгандир? «Уч ҳарф»дан олган вазифаси-чи? «Бу қанжиқ ҳамма ёқни чигаллаштириб ташлади-ку?» деб Қижинди Тенгиз. Калаванинг учини топа олмай юраги сиқилаётганда Турсунали яқинлашиб, салом берди.
— Нима гапинг бор? — деди Тенгиз саломга алик олай.

Бундай қўрсликларга кўникиб қолган Турсунали жойида қотиб, атрофига қўрқув аралаш бир аланглаб олди.
— У мени ўлдирмоқчи бўлди, — деди мискинлик билан.
— Нега ўлдирмади?

«Нима учун ўлдирмоқчи эди», деган саволни кутган Турсунали жавобга тараддудланди.
— У «бойликни қаерга яширдинг?» деб зуғум қилди.
— Хўш, айтдингми?
— У ёқда бойлик қолмаган ўзи...
— Сени Гобелян сўроқ қилганми?
— Ҳа.
— Бойлигинг қаердалигини унга айтганмисан?
— Бўлса айтаман-да.
— Қанжиқ сени нега ўлдирмади?
— Унга айтдим.
— Демак, бор экан-да? — Тенгиз шундай деб унга Ғазабли нигоҳини қадади.
— Ўзи йўқ, бўлса сизга айтмасмидим. Унга айтган еримда сариқ чақа ҳам қолмаган. Мени қутқариш учун хотиним ҳаммасини совуриб, адо қилган.
— Бойлигинг қолмаган бўлса, нега қақшаяпсан? Нимадан қўрқяпсан?
— У мени ўлдирмоқчи.
— Ўлдирса савобга қолади.
— Нега, ахир?.. — нажот умиди билан келган Турсунали совуқ тарзда айтилган бу гапни эшитиб бир сесканди. «Шартга биноан сиз мени ҳимоя қилишингиз керак-ку!» демоқчи бўлди-ю, даъво қилишга тили бормади — қўрқди. «Нега, ахир...»дан нарига ўта олмади. Даъвосини айтолмаган бўлса ҳам, Тенгиз унинг мақсадини англади.
— Сени унинг чангалидан қутқаришим керакми? Калланг жойидами?! У сен билан учрашиш учун атай бўйнини сиртмоққа тутиб берган. Бекордан бекорга қамаладиган боламас у. Бир нарсанинг исини сезмаса изингдан тушмас эди. Шу бугундан бошлаб шартни бекор қиламан. Тўлайдиган солиғинг ҳам ўзингга сийлов. Эрта-индин уйингга одам бориб, айтган ерингни титади. Ҳеч нарса тополмаса хотин, бола-чақангни ўлдиради. Кейин ўзинг бу ерда ит азобида ўласан. Шунақа бўлгани дуруст. Сен аҳмақни ҳимоя қилганим учун мен ўғрилар орасида иснодга қоламан. Йўқол, кўзимга кўринма.
— Нега ишонмайсиз? — Турсунали шундай деб йиғлаб юборди.

Тенгиз «ўл бу кунингдан!» дегандай афтини буриштирди-да, бурилиб нари кетди. Тўрт-беш қадам юриб, гулхан яқинидаги тўнкага ўтирди.

Турсунали нима қиларини билмай гангиган ҳолда туриб қолди. Ёрдамга ишонган эди, нажотни Яратгандан эмас, шу йигитдан кутган эди. Ҳозир ҳам умидининг сўнгги ипларини шу одамга боғлади. Агар ҳозир бир мўъжиза юз бериб, Тангри-таоло айтсаки, «Эй Одам боласи, мен бутун оламларнинг яратувчисиман, сен ҳам бандасан, у ҳам бандамдир. Нажотни кимдан кутасан?» Нодонлик, жаҳолат чодирига тамоман буркалиб олган, кўз нурларини, ақл-фаросатини шайтон алайҳилаъна ихтиёрига буткул топширган бу банда ҳеч иккиланмай иккинчи бандани кўрсатар эди. (Астағфируллоҳ!)

У аста юриб, ҳўнграб йиғлаган ҳолида Тенгизга яқин келдида, ёнида тиз чўкди. Шу ёшга кириб бирон марта бўлсин Яратганига сажда қилмаган банда хорлик либосига ўралиб иккинчи бир банда ёнида тиз чўкди. Тенгиз тўғри айтган эди: эркакнинг бу қадар хорланишидан кўра ўлиб кетавергани минг карра афзалроқ.
— Мени қутқаринг. Ўлгунингизча қулингиз бўлайин.

Тенгиз салгина бурилди-ю, унинг ёноғига мушт туширди. Марҳамат кутиб тиз чўккан Турсунали бу зарбдан чалқанчасига йиқилди.
— Мишиғингни арт, ҳе хунаса! — Тенгиз шундай деб кафтига қор олиб ишқади. — Қул бўлармиш... Сендақа эркакни моягидан осиб қўйиш керак. Эркакман, деб юрибсанми ҳали... — Тенгиз хумордан чиққунича сўкиб, унга қараб тупурди. — Оилангнинг эҳтиётини қиламан. Улар емаган сомсаларига пул тўлаб юришмасин. Сен билан ишим йўқ. Йўқол!

«Ҳамманг бир гўрсанлар! Ҳамманг аблаҳсанлар! Ҳаммангни қириб ташлаш керак! Уруғларингни ўйнатиб ташлаш керак!» — Турсуналининг хаёлини шундай ҳайқириқ тўзитди, аммо бўғзи бу нидони тилга кўчишига йўл бермади. Тенгизнинг салгина ён босгани унга далда бўлиб, ўрнидан турди. Раҳмат айтиб, изига қайта бошлади. Ўн қадамча босиб тўхтади-да, нажот кўзлари билан орқасига ўгирилиб, Тенгизга қаради. «Кел, бўпти, ўзингни ҳам ҳимоя қиламан», деган гапни кутди.

Иш жойига қайтиб, қўлига болта олди. Амал курсисини эгаллаб, райком тахтига йўл кўрсатган ақли энди жонини сақлаб қолиш йўлини аниқлашга ожизлик қилаётган эди. Юзлаб одамларнинг нонини яримта қила олган тадбирлари бу ерда ўлумтук аҳволга тушди. Ақл ҳам, тадбир ҳам унга хиёнат қилди. Ақл, тадбир деганлари шайтон измида бўлгач, ўзгача оқибат кутиш мумкинми?

Беихтиёр равишда дарахт шохларига болта урар экан, қутулиш чораларини излайди. Аммо сонсиз капалак сингари тўзиган фикрлари ўзига бўйсунмайди. Шайтоннинг бурчи уни жар ёқасига етаклаб келмоқ эди — вазифасини адо қилди. Қадамини бир қаричгина нари ташласа кифоя. Шу пайтгача шайтоннинг меҳри булоғидан сув ичиб, қувват олган ақли уни асраб қола олармикин?

Бу ақл унга ягона нажот йўлини кўрсата бошлади.

Нажот — ЎЛИМ! Қандай гўзал манзил! Бу азоблар, бу хорликлар биратўла барҳам топгуси. Биргина ҳаракат кифоя, бир неча нафас кифоя. Яна икки-уч кунми, икки-уч ҳафтами азобланиб яшамоқдан кўра, ҳозироқ ўлим топгани яхши эмасми!

О, ғофил банда! У дунёда бу ердагидан юз, балки минг чандон ортиқроқ азоб ҳозирлаб қўйилганини фаҳм этсами, ўлимга бу қадар интилмасми эди...

Ҳозир эса... сўнгги нажот йўли унга афзал кўринаверди. Энди фаҳми етганича ўлимнинг тез ва осон турини излай бошлади. Нима қилсин: шу қўлидаги болта билан пешонасига қарсиллатиб бир урсинми? Миясининг қатиғини ўйнатиб юборсинми? Шу фикрда болтанинг тиғига қаради. Беихтиёр равишда тиғ устига бармоғини қўйди. Тиғ назарида ўтмас бўлиб туюлди: болта уриш фикридан қайтди. Ўзини осиш, томирини кесиш... барчаси оғир туюлди. Шу аснода пешинга қадар ғимирлаб юрди. «Бу кўргуликлардан кўра ўлганим минг марта яхши», деган тўхтамга келди-ю, аммо ўзини ўлдирмоққа куч топа олмади.

Пешиндан кейин эса... Пачоқбурун пайдо бўлиб, уни овлоққа бошлади. Турсунали қор юзасидаги бир томонга қараб кетган изларни кўриб, кўпчилик ўтганини фаҳмлади. Бироқ «кўпчилик тақдиримни қандай ҳал этар экан?» деган жумбоққа жавоб топа олмади. Бутазор оралаб анча ичкарилашгач, сайҳонликка чиқишди. Турсунали бу ернинг қатл майдончаси эканини кейинроқ билди.

Устидаги пахталиги ечиб ташланган Мурик кўйлакчан ҳолда майдонча ўртасида турарди. Икки оёғининг тўпиғидан боғланган арқон учларини икки йигит маҳкам тутганича таранг тортган эди. Мурикнинг орқа томонидан Кошак, рўпарасидан Тенгиз, сал наридан эса Қўтос жой олишган эди. Учовлари майдончада пайдо бўлган Турсуналига олдинма кейин қараб қўйишди.
— Сен ўзингни бургут деб ўйловмидинг? — деди Тенгиз Мурикка юзланиб. — Ана, чангал солмоқчи бўлган ўлжанг келди. Мурикжан, сени ким ўғрилар оиласига тавсия этган, ким қабул қилган, билмайман-у, аммо униси ҳам, буниси ҳам ўзингдан баттар аҳмақ эканига юз фоиз ишонаман. Ўғри деган сал ақллироқ бўлиши керак. Бу ерларнинг хўжайинлари бизлар эканимизни яхши билардинг, а? Билиб туриб бизнинг ерларда ов қилмоқчи бўлдингми? «Булар бир лақма, оғзига пашша қўндириб ётишади», деб ўйладингми? Умуман фикрингда жон бор. Мен лақма бўлсам керак. Кошак, сен-чи? Сен ҳам лақмамисан?

Кошак хохоллар тушуниши мумкин бўлган тарзда бир сўкинди-да, Мурикнинг гарданига мушт туширди. Оёқлари боғланган Мурик учун ана шу зарбанинг ўзи кифоя қилди — юзтубан йиқилиб бир неча дақиқа ҳаракатсиз ётди.
— Сузишни билмасанг нима қилардинг ўрдак овлаб. Қани, тур, туққан хотиндек ялпайиб ётма.

Мурикнинг бу ётиши айёрлик чегарасидан нарида эди. Бундан олдинги муштларнинг зарбалари қўшиб ҳисобланса, унинг аҳволига ачиниш ҳам мумкин. Не афсуским, мазкур олам онгидан одам жонига ачиниш, аяш каби тушунчалар ўчириб ташланган. Алҳол, Мурикнинг ҳолига ачинмоқ ҳам ноўриндир. Чунки «қайтар дунё» деганлар-ку!

Мурик қорга юзини босиб, пича ором олди. Тенгизнинг гаплари қулоғига киргунига қадар давом этган бир неча лаҳза танга озгина роҳат берса-да, руҳи азобдан чирқирайверди. У Гогикнинг таклифига учган онларини эслаб, уни ҳам, ўзини ҳам лаънатлади. Гобелян нима учун Гогикни бу ишга жўнатмаганини Кошакнинг биринчи муштидан кейиноқ тушуниб етди. Ҳаммасини ўйлаган эди, режа қилган эди. Ўғрилар нафратига учраши аниқлигини ҳам билган эди. Фақатгина жазонинг бу қадар тез келиши ва оғир бўлишини ҳисобга олмаган эди.

Яна пича ором олиш мақсадида ўрнидан қимирламагач, товонидан тепки еди. Шундан сўнггина қаддини кўтара бошлади.
— Валерий Иванович, сен бургутнинг ўрдак овлаганини эшитганмисан?— деди Тенгиз Қўтосга қараб.— Эшит, бу қизиқ ҳангома. Бир нодон бургут... Қара-я, бургутларнинг ҳам нодони бўлар экан, ўша нодон бургут ўрдак овламоқчи бўлибди. Энди ўрдакка чанг соламан, деса ўрдак шартта сувга шўнғиб кетармиш. Шунда бургут астойдил қасд қилиб ўрдак томон ўқдек учибди. Ўрдак бу сафар ҳам сувга шўнғиган экан, «енди қутулиб бўпсан!» деб у ҳам шўнғибди. Ўрдак эса сув юзасига чиқиб, қанотларини ёйибди-ю, учиб кетибди. Бургут эса сувга бўкиб ўлибди. Қалай, Валерий Иванович?
— Нима демоқчисан? Шу итпашшани бургутга ўхшатяпсанми? — деди Қўтос энсаси қотиб.
— Йўқ-ўқ, Валерий Иванович, келиб-келиб шуни бургутга ўхшатаманми? Бу жонивор ўз номи билан Мурик! Сен эса буни итпашшага ўхшатяпсан. Итпашшаларни ранжитма. Валерий Иванович, ҳарҳолда улар орасида қанжиқлари йўқдир.

Мурик қаддини ростлагач, Тенгиз бармоқлари учи билан унинг иягини ушлади-да, бошини Турсунали томон бурди:
— Хўш, бу лақмада нима ишинг бор эди?
— Ёлғиз ўзингга айтаман, — деди Мурик.
— Ҳилватда ачомлашиб турадиганларга ўхшаб гапингни қулоғимга айтасанми? Кошакка ишонмайсанми? Ё Валерий Ивановичдан ҳадиксираяпсанми? Уларни қанжиқ деб ўйлаяпсанми?

Бу гаплардан сўнг Кошак яна мушт ҳозирлаган эди, Тенгиз бир имо билан уни тўхтатди.
— Ноз-ишваларингни ҳали трамвайга қўйганимизда қиларсан, — деб давом этди Тенгиз, — қани, айт!
— Булар бой бўлишади, — деди Мурик, — озгинасини баҳам кўрсин, девдим, ҳаммасини олмайман, дедим.
— Қаерга беркитган экан?
— Молхонада...

Мурик шундай дейиши билан Тенгиз унинг қорнига муштлади. Сўнг йиқилиб тушмасин, деб сочларини чангаллаб, бошини кўтарди.
— Бунчалар аҳмақ бўлмасанг, сен хунаса! Бу лақма сенга айтганини бизга айтмайдими?
— Гапимни охиригача эшитмадинг, Княз! — деди Мурик ихраниб. — «Молхонага яширганман» демагин, дедим унга. Кейин... айтди... Ертўлада экан...
— Гобелян билан қанақасига келишгансан?
— Учдан бирига. Бири Гогикка, бири унга. Бу ишга мени Гогик тортди. Қанжиқ дейиладиган бўлса, ўша ғирт қанжиқ. Мени эмас, уни ўлдириш керак.
— Сени ким ўлдирмоқчи бўляпти, Мурикжан?.. Гогикнинг эса ўз ҳисоб-китоби бор. Сен унинг тақдири учун қайғурмай қўявер. Сен бизга иккинчи топшириғингни айт.
— Аввалги куни ўзингга айтганман. Менинг билганим шу.
— Улар нима учун сени танлашди?
— Билмайман. Менинг билганим: яна уч-тўртта одамга буюрилган. Ҳар хил лагерларда одам танлаяпти. Уларнинг кимлигини билмайман. Княз, қўрқитяпти, деб ўйлама. Аммо менга бир нарса бўлса, улар сени тинч қўйишмайди.

Тенгиз тисланиб, Турсуналини чақирди-да:
— Сени урдими? — деб сўради.

Турсунали Мурикка хавотир билан қараб секингина «Ҳа», деб қўйди.
— Қандай урган бўлса, сен ҳам шундай ур. Ҳаққинг қолмасин. Борадиган ерига қарзсиз борсин. Қани, лалайма, ур!

Турсунали бу гап чинми ё ҳазилми эканини билмай, гангиб қолди.
— Ҳой, ит! Сенга айтяпти, ур! — деб буюрди Кошак.

Турсунали шунда ҳам журъат этмагач, Тенгиз сўкиниб, болдирига тепиб қолди. Турсунали бу зарбдан бир мункиб тушди-ю, ўзини тезда ўнглаб олди. Сўнг буйруқни бажармаса ўзига ёмон бўлишини англаб Мурикнинг юзига тескари шапалоқ туширди.
— Мурикжан сен шундай урганмидинг? — деди Тенгиз. — Анча ишдан чиқиб қолибсан-да. Ҳезалакчасига урадиган ўғри ўғрими, а Кошак? — Саволга жавобан Кошак заҳарли тиржайди. Тенгиз эса Турсуналига қаради: — Шу битта шапалоққа ичинг ўтиб кетдими? Кошак, бўш вақт топиб сен бунга уруш қанақа бўлишини ўргатиб қўйишинг керак экан.

Кошакнинг бўш вақти ҳозирга тўғри келиб, буйруқ ижросини ҳаяллатмади. Тиржайган ҳолда Турсуналига яқинлашди. Ўнг қўли билан юзини силаб турди-да, чап қўли билан бехосдан қорнига муштлади. Турсунали букчайишга улгурмай мушт еб уч қадам нарига учиб тушди. Тенгиз тепишга чоғланиб бораётган Кошакнинг йўлини тўсди:
— Биринчи дарсга шу ҳам етади. Энди Мурикнинг пичоғини олиб бер. Чўмич, сен ўғрилар оламига заррача фойда келтирмагансан. Шундай бўлса ҳам ҳақиқий ўғри сифатида ўлишингга имкон берамиз.
— Княз, ундай қилма, ўзингга ёмон бўлади! — деб хитоб қилди Мурик жон аччиғида.

Тенгиз унга ўқдек нигоҳини қадаб жим қолди. Мурик айтмаса ҳам ўзига қийин бўлишини яхши билади. Мурикни ёллаб, вазифа юклаганлар унинг ўлимига ачинганлари учун эмас, балки топшириқ чала бажарилгани учун ҳам Ғазаб отига минадилар. Илоннинг думи босиб олинса чақади, дейдилар. Аммо илон баъзан чақолмаслиги ҳам мумкин экан. Лекин Мурикни ёллаганлар чақмасдан қўйишмайди. Кечаги «политбюро» йиғинида кутилажак бу ҳолат ҳам назардан четда қолмаган эди. «Шундай қилиш керакки, илон кимни чақишни аниқ билмай чалғисин», деган тўхтамга келган «политбюро» чалғитиш йўлини излаб топишни Тенгизга юклаган эди.

Кеча Мурик Турсуналини овлоққа бошлаганидаёқ Тенгизга хабар етган эди. Тенгиз биринчи «суҳбат» «дўстона» бўлишини билгани учун уларнинг изидан одам жўнатмади. У учун энг муҳими — Мурикнинг Турсуналига қопқон қўйиши. Нуриддин Тенгизни йўқлаганида «политбюро» айнан Мурикнинг тақдирини ҳал қилаётган эди.

Тенгиз аввалига ўлимнинг яхши усулини топгандай эди. Мурикка «ҳеч кимдан гумон қилманглар, жонимдан тўйиб ўзимни осяпман», қабилида хат ёздириб олмоқчи эди. Ҳозир бошқа дурустроқ усул хаёлига келиб, дастлабки фикридан қайтди.
— Мурикжан, ақлли бола пичоғини ўзи олади. Сен ақллисан, а? Кошак, тўхта, унга тегма. Сен ҳам пичоғингни ол.
— Шу итпашша билан олишаманми? — деди Кошак норози оҳангда.
— Мен сенга пичоғингни ол, дедим. Олишасан, демадим, — Тенгиз Кошак узатган дудамани олиб, чўнтагидан рўмолча чиқарди-да, яхшилаб артди. Кейин чўк тушиб ўтирган Турсуналини чақирди: — Ҳой, лақма, бу ёққа кел. Тирик қолишни истасанг, ўзингни ҳимоя қил. Ма, ушла!

Турсунали пичоқ эмас, заҳарга тўла, чақишга шайланиб турган чаён узатилаётгандай сесканиб кетди. Бош чайқаб, ярим қадам тисланди.
— Мен умримда... одам ўлдирмаганман, — деди ғудраниб.
— Сенга одам ўлдир, демадим. Ўзингни ҳимоя қилгин, деяпман. Ў ўласан, ё ўлдирасан, бошқа чоранг йўқ.

Кошак орқасига ўтиб, юмшоқ ерига бир тепгач, Турсунали беихтиёр равишда пичоққа қўл узатди.
— Ҳа, ўғил бола, шунақа бўлсин. Мурикжан, ана, ҳаётинг ўз қўлингда.
— Княз, айт, оёқларимни ечишсин.
— Э, йўқ, сен профессионалсан, Мурик, бу эса бир лақма. Эркак бўлиб бугун қўлига пичоқ оляпти. Бизни қизиқ томошадан маҳрум қилма, Мурикжан, — Тенгиз шундай деб бир арқоннинг учини ўзи қўлга олди. — Қани, Чўмич, бургутмисан ё итпашшамисан, бошла!

Мурик Тенгизга қараб олди-да, сўнг гангиб турган Турсунали томон қадам ташлади. Аввалига арқонни бўш қўйиб бердилар. Мурик уч қадам юргач, кутилмаганда сапчиб, Турсуналига ташланди. Яхшики у мўлжални сал ноаниқ олди — ўлжасига озгина етмади. Аммо пичоқнинг учи Турсуналиниг иягини тилишга улгурди.
— Ҳой, ит! Нимага қараб турибсан, ур! — деб бақирди Кошак Турсуналини туртиб.

Ўлжасига етолмай юзтубан йиғилган Мурик Турсунали томондан ҳамла кутиб, тезгина ўрнидан турди. Турсунали эса пичоқ уриш ўрнига тисарилмоқчи бўлди. Аммо орқасида турган Кошак унга йўл бермади.

Шу пайтгача томошабин каби четда турган Қўтос Турсуналига яқинлашди:
— Ўлгинг келмаётган бўлса ташлан. Бу ерда икковингдан биринг ўлишинг шарт. Қўрқма. Одам ўлдириш сен ўйлагандай оғир иш эмас. Даҳшат ҳам эмас. Сен энг яхши кўрган одамингни кўз олдингга келтир, сен ўша яхши кўрганинг учун яшашинг керак.

Энг яхши кўрган одами... Ким бўлиши мумкин? Хотиними? Болаларими, ё... Нафисасими?.. Ҳозир уларни ўйлайдиган аҳволда эмас эди у. Ҳозир ўз жонини сақлаб қолишнигина ўйларди. Бу бежиз эмас, чунки энг яхши кўрган одами — ЎЗИ эди.

Мурик эса Тенгизнинг гапига инониб, жонини сақлаб қолиш учун астойдил ҳамла қилар эди. Оёғи боғланмаган бўлганида дастлабки дақиқадаёқ Турсунали нақ энасини кўриши аниқ эди.

Гангиб, довдираши чекингани билан қўрқув ҳали Турсуналини тарк этмаган эди. Бир неча соатдан бери ўзини ўлдириш фикрида юрган одам энди ўлимдан қўрқаётган эди. У қоронғу лаҳаддаги гувалага бош қўйиб ётишдан (ажаб! Бу ерда ўлса лаҳад ҳам, гувала ҳам насиб этмайди унга), сўнг бўлажак ҳисоб-китобдан, кейин эса нақд қилиб қўйилган қабр азобларидан, сўнг қиёмат кунидаги аянчли тақдиридан эмас, бу алдамчи дунё ҳаётини ташлаб кетишдангина қўрқарди.

Мурик навбатдаги ҳамласида йиқила туриб Турсуналининг пахталигини тилиб юборишга улгурди. Шундан сўнг Тенгиз арқонини ташлаб, Турсуналига яқинлашди.
— Ўлгинг келмаяптими? — деди паст овоз билан. — Яшашни хоҳлайсанми? Тўғри қиласан. Кел, савдони пишириб қўя қолайлик: тарозининг бир палласига жонинг, иккинчисида яшириб келган бойлигинг турибди. Қайси бирини танлайсан? Фақат бойлигим йўқ, деб минғирлама. Бу эски ашуланг жонимга тегди. Мен балки аҳмақдурман. Аммо Гобелян аҳмақ эмас. Бир нарсанинг исини олмаса, шунчалик овора бўлмайди. Мен сени қийнагим келмаяпти. Агар хоҳласанг оёғингдан осиб қўйишим мумкин. Мурикжан эса товонингдан бўғзинггача тилиб бир роҳатланади. Агар хоҳласа терингни шилиб, туз сепиб қўйиши ҳам мумкин.

Бу гап Мурикнинг кечаги пўписасини эслатиб, ростдан ҳам териси шилиниб туз сепилгандай бадани қақшаб кетди.
— Хўш, қайси бири маъқул сенга? Бойликни сен меҳнат қилиб топмагансан. Сенга барибир буюрмайди. Ҳатто бизга ҳам буюрмаслиги мумкин. Бойлик ўзи шунақа бўлади. Бировга вафо қилмайди. Бойлик нима, биласанми? Нозанинга айланган бир аждаҳо. Қип-яланғоч нозанин кўринишида қўйнингга киради. Вужудинг роҳатланади. Кейин эса аслига — аждаҳо ҳолига кириб ўт пуркайди, ҳаммаёғингни куйдиради. Сен, аҳмақ эса яширганингни ҳали ҳам нозанин деб ўйлаяпсан. Сенда калла йўқ, у аллақачон аждаҳога айланиб бўлган. Бу ердан тирик қайтганингда ҳам сени нозанин қучоғига олмайди. Аждаҳо барибир куйдириб ўлдиради. Мен сен аҳмақни аждаҳодан қутқармоқчиман. Қани, айт!

Турсунали ўғридан бунақа маънили гап кутмагани учун ажабланди. Тенгиз эса унинг пичоқ ушлаган қўлини маҳкам чангаллаб, тиғни биқинига тиради. «Бир силтаса, тамом, — деб ўйлади Турсунали. — Жон ҳам кетади мол ҳам бировларга қолади. Гапи тўғри бу ўғрининг. Ҳид олишгандан кейин топмасдан қўйишмайди. Буниси бўлмаса бошқаси изимдан искаб юраверади. Падарига лаънат! Отлар топиб, эшаклар ейдиган замон экан. Ўша бойликни тўплайман, деб бошим балоларга қолди. Энди ҳам тинчитишмаса айтай, балодан қутула қолай... Сўзида турмаса-чи? Эртага шартни бузаман, деб турса-чи? Нима бўлса ҳам пешонамдан кўрдим. Айтаман...»

Шу қарорга келиб, айтди. Тенгиз диққат билан эшитди. «Алдамаяпсанми, алдасанг — ўласан!» деб пўписа қилмади. Кошакка қараб бир им қоқдида, четга чиқди. Мақсадни англаган Кошак жун қўлқопни кийди-да, тиз чўкиб ўтирган Мурикдан пичоқни тортиб олиб, Турсунали томон юрди. Турсунали нима гап бўлаётганини фаҳмлашга улгурмади. Кошак тиржайганича унга яқинлашди-да, чаққон тарзда энгашиб, болдирига пичоқ урди. Турсунали «оҳ! деганича қўлидаги пичоқни ташлаб юбориб, болдирини чангаллади.
— Дод дема, тўйгача тузалиб кетади, — деди Қўтос унга қараб кулиб.

Кошак эса Турсунали ташлаган пичоқни ўнг қўлига олди-да, бу манзарадан ажабланиб ўтирган Мурикка яқинлашиб оёқларини керганича тиржайиб турди. Сўнг чап қўлидаги тугмали пичоқни унга узатди. Мурик пичоғини қўлига олиб ўрнидан тураман, деганида Кошак унинг бўғзини тилиб юборди. Фаввора бўлиб отилган қон қор юзини бирпасда қизилга бўяди. Кошак эса, Тенгизга қараб тиржайиб қўйгач, Мурикнинг бўғзини кесган пичоқни Турсуналининг ёнига ташлади.

Йигитлар Мурикнинг оёғидаги арқонни ечиб олишгач, барчалари бир зумда ғойиб бўлишди. Турсунали бу ерда қолиши хавфли эканини англаб, судралганича изига қайта бошлади. Лекин кўп юролмади. Югуриб келаётган соқчилар қўлига тушди.

Avvalgi
I- qism