OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

1 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифТоҳир Малик
Асар номиМурдалар гапирмайдилар (II- қисм)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Тоҳир Малик
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Қиссалар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм317KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2011/07/29
Манбаhttp://forum.ziyouz.com/ind...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Мурдалар гапирмайдилар (II- қисм)
Тоҳир Малик

Иккинчи баён: Фаржом

Дунё манзилининг охири

Нафисани қарғадилар:
— Ўйнаши билан ётган экан, шарманда! Ўлдирган одам савобга қолибди...

Санжарни лаънатладилар:
— Суюқоёққа илакишиб юрган экан, йигит ўлгур. Тўрт боласи кўзига кўринмабди-да...

Бу гапларга, хулосаларга ҳали фурсат бор.

Ҳозир эса... милитсия телефони жиринглайди. Навбатчи лейтенант қулоғига тутади. Сўнг хирилдоқ овозли одам «Алло, қизимни ўлдириб кетишибди», дейди-ю, ҳўнграб йиғлайди. Ўзини йиғидан тўхтатолмаган тарзда манзилни аранг маълум қилади.

Жиноятга оид қидирув бўлиминиг инспектори капитан Омонулло Йигиталиев тиш оғриғидан эзилиб ўтирганида унга икки одамнинг ўлдирилгани ҳақидаги хабарни етказдилар. «Дўхтирга кириб келаверсам бўларкан», деб ўйлади у маълумотларни ёзиб олгач. Омонуллонинг айрим ҳаракатларига қараб ҳайрон қолиш мумкин. Қуролли жиноятчига юзма-юз бўлишдан, отиб ташлар ёки пичоқ урар, деган хавотирдан йироқ бу одам эм игнасидан қўрқарди. Тиш табиби-ку унинг кўзига Азроил каби кўринар, назарида у тишни эмас жонни суғуриб оладигандай бўларди. Икки кундан бери жағ тиши зирқирайди. Икки кундан бери мўъжиза кутади: оғриқ ўз-ўзидан тўхтар, деб умид қилади. Бу тун оғриқ забтига олганда «тонг отиши билан бориб шартта суғиртириб ташлайман», деб қасд қилди. Тонг отди. Аҳдига вафо қилиб тиш табибига борди. Аммо унинг шижоати, дадиллиги табиб хонасининг остонасига қадар етди. «Бирпас нафасимни ростлай», деб ўзини ўзи алдаб, оромкурсига ўтирди. У каби «ботир»лар ҳали табибга етиб келмаган, қабулхонада унинг ўзи тиззаси қалтираган ҳолда ўтирарди. Табиб қия очиқ эшикдан қараб-қараб қўйиб, охири остонага келди-да, «менга кирмоқчимисиз?» деб сўради. Омонулло беихтиёр равишда бош чайқаб, «йўқ» деди. Сўнг ажабланган табибга қараб «ўртоғимни кутяпман», деб изоҳ берди. Назарида табибни кўриши билан тиш оғриғи тўхтагандай бўлди. Табиб жойига қайтиши билан у ўрнидан турди. Худди табиб яна қайтиб, «қани бу ёққа юрчи», деб зўрлайдигандай тез-тез юриб ташқарига йўл олди. Ишхонасига етиб келиши билан оғриқ яна ўз зулмини ўтказа бошлади. Ана шу пайтда телефон жиринглаб уни қотиллик содир бўлган манзилга даъват қилди.

Омонулло прокуратура вакили билан уй йўлагида учрашди. Дум-думалоқ кўзлари кибр билан боқувчи, сочлари силлиқ таралган, сарғиш қалдирғоч мўйлови ўзига ярашмаган бу йигитни шаҳар прокуратурасида дастлаб кўрганида «иш билан келган ашулачи бўлса керак», деб ўйлаган эди. Иккинчи марта кўрганида ким экан, деб суриштириб, кимнинг ўғли эканини билгач, «ишқилиб шунга рўпара бўлмай», деб ният қилган эди. Ўшанда фаришталар тескари дуо қилишганми, мана, бугун унга рўпара бўлиб турибди. Омонулло ўзидан анча ёш бўлган бу йигитдан салом кутиб янглишди. Унга яқинлашиб, ўзини танитди.
— Мен шаҳар прокуратурасиданман. Мелс Абдуллаевич Хўжаев, — деди йигит қўл узатиб.
— Танийман сизни, — деди Омонулло илтифотсиз оҳангда.
— Ишни менинг назоратимда юритасиз, — деди Мелс унга буйруқ оҳангида.

Агар тиши зирқираб турмаганида энсаси қотганини яширмай, одатига хилоф қилмаган тарзда «қулингиз бўлайин», деган мазмунда пичинг тоши отиши тайин эди. Ҳозир бу олифтага шу пичингни ҳам раво кўрмай қошини чимириб қўя қолди.

Зинадан кўтарилишган сайин димоқларига ёмон ҳид урилиб, кўнгилларини беҳузур қила бошлади. Омонуллога бундай ҳид таниш. Сасиб ётган мурдаларни биринчи кўриши эмас. Мелс Хўжаевнинг эса кўнгли беҳузур бўлиб чўнтагидан рўмолча чиқариб бурнини беркитди. «Бунақа ишга энди рўпара бўлишидир, — деб ўйлади Омонулло. — Лекин бу олифталигига қараганда юзинчи марта рўпара бўлса ҳам бурнини жийираверади. Бунақа йигитларга дўконда қизларнинг сийнабандини сотиб ўтириш ярашади.»

Омонулло ўз ақли, билими билан ўқиб, ишда ҳам ўз фаросати, тажрибасига суяниб юргани учун «фалончининг ўҚлиман ёки жияниман», деб тирговичлар ёрдамида ўқиган, суянчиқлар кўмагида ишлаб, «нодир мутахассис» сифатида амал поҚоналарига кўтариладиган нусхаларни ёқтирмас эди. Мелс Хўжаевни шу тоифадан деб билиб, ҳали унинг ақли фаросатидан хабар топмаёқ, энсаси қотди. Беписанд тарзда «ишни менинг назоратимда юритасиз», дейиши фаросат даражасини ўлчаш учун кифоя қилди. Ирий бошлаган мурдалар ётган хонага кираётиб Омонулло «Эй Худо, шу думбулбойваччага рўпара қилгунча қолган ўттизта тишимни ҳам оҚрита қолсанг минг марта яхши эди», деб қўйди.

Эркакнинг мурдаси ҳаммом эшиги остонасида, аёлники эса ошхонада ётарди. Мелс Хўжаев эркакнинг мурдаси устидан ҳатлаб ошхонага ўтди-да, суратга олаётган кишига қараб:
— Мурдаларни жойидан жилдирмадингизми? — деб сўради.

Бу саволдан ажабланган суратчи елка қисиб қўйиб, Омонуллога қаради. Унинг ажаблангани бежиз эмас: шу соҳада қирқ йилдан бери ишлаётган бўлса ҳали бирон марта мурдани ётган жойидан жилдирмаган, бошқалардан бу каби танбеҳнамо саволни эшитмаган ҳам эди. Омонулло «хўп деяверасиз-да, энди» дегандай кўз қисиб қўйди.
— Ҳар бир буюмдаги бармоқ изларини олинглар. Қўшниларни сўроқ қилинг. Синчиклаб ишланглар. Мен ўзимда бўламан, кириб ўтарсиз.

Мелс Хўжаев шундай деб кўрсатмалар бергач, тез-тез юриб чиқди. Турли жиноий ишлар бўйича Омонулло билан бирга иш юритадиган гуруҳ аъзолари унинг бу қилиғидан норозиликларини яширмай бир-бирларига савол назари билан қараб қўйдилар. Омонулло «еътибор берманглар», дегандай қўл силтаб, аёл мурдаси устига чойшаб ёпаётган тиббий экспертга юзланиб сўради:
— Ўлдирилганига уч кун бўлгандир?
— Ҳа, икки-уч кун орасида. Иккови ҳам бир хилда пичоқланибди.
— Бир хилда?
— Ҳа, аниқроқ хулосани ёриб кўрганимиздан сўнг айтаман. Ҳозир олиб кетаверайликми?

Омонуллонинг рухсати билан мурдалар чойшабга ўралиб олиб чиқиб кетилди. Шундан сўнг Омонулло «депара милитсиясиданман», деб ўзини таништирган йигитдан «ким хабар қилибди, билдингизми?» деб сўради.
— Марҳуманинг отаси. Ичкари уйда ўтирибди. Аламдан куйиб кетяпти.
— Боласи бўлгандан кейин куяди-да. Отамлатсанг отамлатгин, бўтамлатмагин, — Омонулло шундай деб беихтиёр жағини ушлади.
— Нима дедингиз, тушунмадим? — деди йигит.
— Шунақа мақол бор, — деди Омонулло оғриқдан афтини буриштириб.
— Тишингиз оғрияптими? Бугун ўзи ғалати кун бўлди. Менинг бошим оғрияпти.
— Тишим оғриганда олдириб ташловдим, — деди Омонулло, йигитнинг изидан катта хонага кириб.

Дераза токчасига тирсагини тираганича бошини чангаллаб ўтирган Тошболта Омонуллонинг овозини эшитиб, орқасига қаради.
— Бандалик экан, отахон, Худо сизга сабр берсин,— деди Омонулло у билан кўриша туриб.

Тошболта яқин одамидан ҳамдардлик сўзларини эшитгандай аввал лаблари титради, сўнг ҳўнграб юборди. Омонулло уни елкасидан қучиб, «бардам бўлинг», деб қўйди.

Тошболта овунгунига қадар хонага назар ташлади: телевизор устидаги сурат унинг диққатини тортди. Гўзал жувон ёнидаги малла одамдан нари қочмоқни ихтиёр этиб, ўнг томонига сурилмоқчига ўхшаб ўтирибди. Кўзларига бахтиёрлик эмас, лоқайдлик муҳрланган. Малла одам эса гўзал жувонга яқинлашиш истагида бошини у томон сал эгиб олган. «Булар ким бўлди? — деб ўйлади Омонулло. — Ўлдирилган жувонми? Ёнидагиси-чи? Ўлган эркак малла эмасди, ёшроқ ҳам эди...»
— Қизингизми бу? — деб сўради Омонулло, Тошболта йиғидан тўхтагач.
— Ҳа, — деди Тошболта хўрсиниб.
— Ёнидаги-чи?
— У... куёв, эри...
— Эри? Қайси? — Омонулло шундай дейишга деб, ножўя савол берганини дарров фаҳмлади. Яхшики Тошболта гарангсиб турган эди. Йўқса, бу саволни эшитиб «нима демоқчисан? Қизимнинг ўнта эри борми?!» деб бобиллаб бериши тайин эди. Омонулло чалғимаслик учун гапни маромига тўғрилади:
— Демак, бу киши куёвингиз. Ўлдирилган-чи? У ким?
— Танимайман у буқачани! — деди Тошболта зарда билан.

«Буқача? Нега унақа деяпти? Қизининг ўйнашими у? Балки бу одам фақат қизининг ўлимидангина эмас, номус азобидан ҳам эзилаётгандир? Бечора...»

Шу фикрда Тошболтага астойдил ачинди. Ўлим — ҳақ. Ризқ қирқилган экан, илож йўқ. Ота бир кунми, бир йилми куяр, оқибат дард совиб, тақдирига тан берар. Ўз умри шомининг ҳам яқинлашиб қолганини фаҳм этиб, фарзанди билан у дунёда кўришмоқ орзусида яшар. Лекин «ўйнаши билан бирга ўлдирилибди», деган иснод ўти совумас, то жони чиққунига қадар юрак-бағрини куйдириб хароб қилар.

Шундай фикрдаги Омонуллонинг унга раҳми келарди.

О, ғофил банда! Ўз қизига ўлим эшикларини очиб берган зот айнан ана шу одам эканини билсами эди, унга ачинмас, билъакс, нафрат ўқларининг барини унга сочган бўларди.

Дунёдаги одам зотининг қаричи бир-бирига мос келмайди. Бармоқ изларининг ҳам ўхшаши йўқ. Шу каби бахт ҳақидаги тушунчалар ҳам бир-бирига ўхшамайди. Агар бахт ўлчовли нарса бўлса эди, уни ҳар ким ўз қаричи билан ўлчайди, демоқ мумкин эди. Агар бахт кўзга кўрингувчи нарса бўлса эди, уни ҳар ким ўз кўзи билан кўради, десак янглишмас эдик. Айрим одамлар рангни фарқлай олмаганлари каби бахт билан бахтсизликнинг чегарасини билмайдилар. Машойихлар «сенга асал бўлиб туюлган асли заҳардир, заҳар бўлиб туюлгани эса асалдир», деб бежиз огоҳ этмаганлар.

Бани Одам фақатгина бахт ёки бахтсизлик нима эканини фарқлай олмаса, унчалик ажабланмаса ҳам бўлар, «фаросатсиз, адашган банда», деб қўйилар. Аммо олтмиш йилга яқин умр кўргани ҳолда нима учун одам бўлиб туғилганини, нима учун яшаётганини, калтакесакдан ёки суваракдан нимаси билан фарқланишини фаҳм этмаса, қандай хулоса қилмоқ мумкин? Балки бундай кимсалар ёруғ жаҳонда оздир? Оз бўлса-да, шуларнинг бири — ҳозиргина ҳўнграб йиғлаб, бўзлаётган ота — Тошболтадир. Балки олам аро ягонадир. Агар шундай бўлса, ўша биттагинаси ҳам шунинг ўзидир.

Омонулло унинг ичини қандайдир дард, қандайдир пушаймон кемираётгандир, деб хаёл қилди. Кишида дард, пушаймон бўлмоғи учун ҳам иймон лозимлигини эса фаҳм этмади.

Илоҳи бандаман, бечорадурман,
Ҳавойи нафс ила оворадурман.
Эрурман барча нуқсонимға иқрор,
Мусулмон ўғли қилмас ишларим бор...

Бундай демоқлик учун, бу иқрор ва тавба учун Одам боласига нечоғлик иймон зарур?

Омонулло буни билмайди. Аниқроқ айтилса, бундай тушунчадан у ҳам йироқ.

Тошболтадаги иймон даражасини аниқлашга банда ожиз. Бу балки қабрга кирганда, балки қиёматда аниқ бўлар, валлоҳи аълам...

Айни чоқда у куйиб йиғлади. Шу оқибатга олиб келувчи муқаррар бўлган йўлни ўзи танлаганини эса ўйламасди. «Ҳозир дард ичида шундайдир» дерсиз? Балки... Аммо ҳақиқат шуки, дард совуганидан сўнг ҳам ўйламайди буни. «Қизимга ўзим ўлим ҳукмини ёзганман», демайди.

Турсуналининг ош-овқатини пишириб юрса ҳам кам бўлмас эди. Қўшмачилик қилишига бало бормиди? Ўз қизининг номусини нафси учун қурбон қилувчи оталарни нима учун ер ютмайди экан? Бундайларни ер бағрига олмоқдан ҳазар қилар, оқибатда бундайлардан ҳатто дўзах олови ҳам нафратланар...

Тошболта хожасининг нафси бузуқлигидан фойдаланиб, уни қизининг номуси эвазига жиловлаб олишни хаёл қилган эди. Бунга эришгандай бўлди ҳам. «Бир исқиртга хотин бўлиб кўйлак-иштонларини ювиб юргандан кўра, директорнинг ўйнаши бўлиб, зебу-зарга бурканиб ялло қилиб яшаган афзал» — Тошболтанинг ҳаётдаги фалсафаси шу бўлди. Ажабки бу «фалсафа» қизига ҳам маъқул келди. Турсуналининг хумор қарашларига маст бўлган қиз отаси кўрсатган йўлга осонгина кирди.

Жилва билан чорлаган бу йўлнинг охирида юрагига пичоқ санчилажагини, қаровсиз ирий бошлаган мурдасини чойшабга ўраб олиб чиқиб кетажакларини ўшанда ўйлаб кўрибдими?

Энди дийдиёдан не фойда? Ҳукм ижро бўлди — қилмишга яраша ажр берилди.

Омонуллога бу хонадон аҳлининг ҳаёти қоронғу. Хонадаги ҳориж жиҳозларининг кўркамлигига қараб туриб «ёмон яшашмас экан», деган дастлабки хулосага келди, холос.

Мурдаларга кўзи тушганида «ер-хотин экан-да», деб ўйлаган эди. Дарвоқе, унга хабар бериб, бу ерга йўллаганларида «еркак-хотин ўлдирилган», дейишган, Омонулло эса буни «ер-хотин» деб тушунган эди. Бу одам эса «Буқача» деб турибди. «Демак, ўйнашми? Унда қотил ким? Эрими?.. Хотинини биров билан айш қилиб ётганини кўриб... Балки мана шу отанинг ўзидир? Қизининг қилиғидан иснодга қолиб... Улар ўйнашганми?.. Иккови ҳам кийимда... Ҳатто аёл уй кийимида эмас... Балки энди бошлашмоқчи бўлишганда...»

Омонулло ўнг томондаги эшик балки ётоқхонадир, деган фикрда ўша томон юрди. Унинг мақсадини англаган Тошболта «Бу ер менинг хонам», деб изоҳ берди. Бу изоҳнинг замирида «бу хонага кирмаганингиз маъқул» деган мақсад ҳам мавжуд эди. Омонулло бу мақсадни фаҳмлаган бўлса ҳам, эътиборсиз тарзда эшикни очиб, ичкарига бир қадам қўйди: дераза ёнида жавон. Гулдор гилам хонани энлаб турибди. Ўртада учта катта жомадон, иккита бўғча...
— Булар сизникими? — деб сўради Омонулло остонага яқинлашган Тошболтага ўгирилиб.
— Ҳа... бугун йўлдан келдим.
— Йўлдан?— Омонулло ажабланди.— Қайси йўлдан?
— Ошна-оғайнилар билан қўшилиб, Иркутскка борувдим.
— Ўйнаганими?

Омонулло бу ёшдаги одамларнинг Сибир томонларга ўйнагани бормаслигини билса ҳам атай шу саволни берди. Лекин ўзи кутган «Ҳа», деган жавобни олмади. Тошболта жомадонларга хавотир кўзи билан боқди-да:
— Озгина памадори олиб бордик. Томорқадан...— деди.

  

— Томорқадан? Томорқа... шу уйдами?
— Бу уйда томорқа нима қилади? Мен бу ерда муқим турмайман. Асли чўлда яшайман. Бу буюмлар меники эмас. Шерикларимники. Ичида нималар борлигини ҳам билмайман.
— Шерикларингиз ким эди?

Тошболтанинг ростдан ҳам шериклари бор эди, уларни номма-ном айтди. Омонулло ён дафтар чиқариб ёзиб олди. Ёза туриб «ишига пишиқ бу одам. Қизи ўлиб ётган бўлса ҳам, жомадонларини олиб кириб жойлашга ўзида куч топибди. Қойилман... Балки бошқа нарсаларни ҳам жойлаб ташлагандир?..» — деб ўйлади.
— Шерикларингиз уйгача бирга киришдими?
— Йўқ, улар шаҳар айлангани кетишувди.
— Демак, бирор соатлардан кейин келиб қолишадими?
— Ким билади? Балки келишмас, қишлоққа жўнаворишар.
— Буюмлари-чи?
— Буюмлари турса тураверади, сасиб кетармиди?
— Поездда келдингларми ёки самолётдами?
— Самолётда бош айланади, ҳам қиммат. Бизларга поезд дуруст.
— Билетни ташлаб юбормагандирсиз?
— Биз қишлоқи одам, билет-милетни билмаймиз. Параводник билан келишиб келаверганмиз. Кетишда ҳам шунақа бўлган.
— Праводникнинг отини биласизми? Нечанчи вагон?
— Нима, мендан гумон қиляпсизми? Ўз қизимни-я?!
— Кимдан гумон қилишимни ўзимга қўйиб беринг. Эшикни биринчи бўлиб сиз очиб киргансиз, хабарни ҳам сиз бергансиз. Менинг одатим шунақа, ишни шу биринчидан бошлайман. Қайси вагонда келгансиз?
— Еттинчи.
— Куёвингиз қаерда?
— Куёвим... ишда бўлса керак?
— Ишда? Булар ўлдирилганига уч кун бўлган. Куёвингиз уч кундан бери ишдами? Касби нима куёвингизнинг?
— Куёвим олим. Ёз пайтлари бир кун уйда бўлса ўн кун тоғда юради.
— Геологми?
— Унисини билмадим. Лекигин тўғри Масковнинг ўзи билан гаплашадиган бола. Тагида вертолети бор.
— Фарзандлари... йўқми?
— Йўқ...
— Турмуш қуришганига қанча бўлди?
— Икки-уч йил бўлди... Қизим унинг иккинчи хотини. Аввалгисидан ажралиб, анча вақт хотинсиз юрган экан.

Омонулло катта хонага, ундан даҳлизга қайтди. Ошхонага қаради. Ҳамма ёқ саришта. Яқин орада биров бунда чой ҳам ичмаган. Омонулло чап томондаги эшикни очди. Ётоқхона ҳам саришта. Ўрин усти ҳатто ғижимланмаган. Омонулло ошхонадаги экспертни ёнига чақирди:
— Ўрин устини, пиёлаларни текшириш эсдан чиқмасин. Эшик қулфини ҳам кўриш керак. Бегона калит тушган-тушмаганини менга аниқлаб берасиз.

Эксперт «хўп» деб изига қайтгач, Омонулло яна Тошболтага юзланди:
— Уйга кириб ҳеч нарсага тегмадингизми?
— Нимага тегаман? Ўзим бу аҳволда... — деди Тошболта йиғламсираб. — Ука, шу ёшга кириб бир рўшнолик кўрмаган одамман. Менинг бошимга тушганлар итнинг бошига тушмасин. Шу ёшга етганимда менга илманг бу қотилликни.

Омонулло бу гапдан аччиқланди.
— Ким сизга иляпти?— деди овозини баландлатиб.
— Ҳозир-ку илмассиз... кейин жиноятчини тополмасангиз мен сиз учун таппа-тайёр гўштман. Биламан, ҳали менинг ҳаётимни ҳам кавлаштирасиз. Қамалиб чиққанимни билганингиздан кейин осонгина менга илиб қўя қолсиз. Худодан қўрқинг, ука, бундай қилманг.

«Нима қилай: сўкиб берайми ё тушунтирайми?» деб ўйлади Омонулло. Кейин сўкиш ҳам, тушунтириш ҳам фойдасиз, деган тўхтамга келиб, худди ҳеч қандай туҳматни эшитмагандай сўроқни келган жойидан бир маромда давом эттирди:
— Уйга кирганингизда ёзуғлиқ дастурхонни кўргандирсиз. Ёки пиёлалар ювуқсиз бўлгандир. Шуларни йиғиштирмадингизми?
— Ҳеч нарсага тегмадим, фақат тилпон қилдим, — деди Тошболта зардали овозда.
— Лейтенант! — Омонулло шундай деб даҳлизда турган йигитни чақирди. Депара вакили чақириққа маҳтал тургандай шу заҳотиёқ остонада пайдо бўлди: — Мурдаларнинг шахси аниқландими?
— Биттаси аниқ: Нафиса Болтаева. 1959 йилда туғилган. «Умид» кооперативида ҳисобчи бўлиб ишлайди. Йигитнинг чўнтагидан фақат шу гувоҳнома чиқди, бирга ишлашар экан.

Лейтенант шундай деб кўк муқовали гувоҳномани узатди. Омонулло гувоҳномадаги суратда боқиб турган чеҳрага қараб «кўркам йигит экан, ўйнаш бўлишга арзийди», деб қўйди. Сўнг ёзувларни овоз чиқариб ўқиди: — «Фаолияти чекланган «Умид» кооперативи. Санжар Иброҳимов, Бош директор ўринбосари...» Танирмидингиз бу одамни?
— Йўқ,— деб жавоб қилди Тошболта тўнглик билан.
— Лейтенант, кооперативга бориб хабар қилинг. Марҳумларнинг шахсини аниқлаб, натижасини оқшомда менга етказасиз.

Лейтенант итоат билан чиққач, Омонулло Тошболтадан куёви ишлайдиган жойнинг телефонини сўради. Тошболта аввалига елка қисди, сўнг қизил муқовали дафтарни варақлаб «О» ҳарфли саҳифани очди-да, юқорига катта-катта қилиб ёзилган рақамларга бармоғини бигиз қилиб кўрсатди:
— Шу бўлиши керак. Лекин ўзи тилпонда ўтирмайди, чақириб беришади. Қизим шунақа дегандай бўлувди.

Омонулло чўнтагидан олган рўмолчаси билан гўшакни ушлаб кўтарди-да, дафтарчадаги рақамни терди. Дам ўтмай «Эшитаман, гапиринг», деган аёл овози келди.
— Менга Самандар Очилов керак, — деди Омонулло.
— Ким сўраяпти, нима ишингиз бор?

«Олим одам ишлайдиган жойда ҳам шунақа қўпол гаплашишадими?»

Шундай деб ўйлаган Омонулло саволга кескинроқ жавоб қилди:
— Мен милитсияданман. Нима ишим борлигини ўзига айтаман.
— Очилов сафарда.
— Қаерда, қачон кетган?

Аёл дарров жавоб қайтармади. Омонуллонинг назарида у ким биландир гаплашиб олгандай бўлди.
— Илтимос, ўзингизни танитсангиз, — деди аёл бир дақиқалик сукутдан сўнг.

Омонулло кимлигини айтгач, яна бир неча нафас жимлик ҳукм сурди. Сўнг гўшакдан эркак овози эшитилди:
— Ўртоқ капитан, зарур гапингиз бўлса, келиб гаплашинг. Телефонда айтиб бўлмайдиган маълумотлар ҳам бўлади, ўзингиз биласиз.

Эркак шундай деб манзилни қисқа тарзда тушунтиргач, хайр-маъзурни насия қилиб алоқани узди.

Омонулло уларнинг гап оҳангидан «тўғри Масков билан гаплашадиган бола»нинг иши Давлат сири мажмуасига алоқадор эканини фаҳмлади. «Тагида вертолёти» бор одамни топиб гаплашиш осон бўлмаслигини ҳам англади.
— Қизингизнинг, турмуши яхшимиди? Эридан ҳеч нолимасмиди? — деб сўради Омонулло гўшакни жойига қўйгач.
— Нимага нолийди? Уйи бор, усти бут, қорни тўқ...
— Фарзанд-чи?
— Фарзандми?.. Куёвнинг ишларига ҳалақит берар экан. Бу ишлари ҳам тўғри: итваччаларни кўпайтиришнинг нима кераги бор?

Омонулло бу гапни эшитгач, этлари жимирлашиб кетди. «Бу асли одамми ё молми? — деб ўйлади унга тикилиб қараб. — Мол ҳам насл қолиришга ўзида табиий эҳтиёж сезади. Ўзига набира бўлиши мумкин гўдакни «итвачча» дейиши... Ё «шу куёвдан туғилган бола «итвачча» бўлади», демоқчими? Куёвни ёқтирмайдими?»
— Қизингиз ёш, чиройли экан, — деди Омонулло ундан кўз узмаган ҳолда. — Куёвингиз рашк қилмасмиди?
— Билмадим... Қизим сиз ўйлагандек чакки юрмаган.
— Мен ўйлаган? — Омонуллонинг тиши зирқираб, жағини ушлади. — Мен ҳали бунақа ўйга келмадим.
— Саволларингиз ғалати-ку? Суриштиришингиз ҳам... Қизимнинг чиройли бўлгани билан нима ишингиз бор?
— Билиб қўйинг, — деди Омонулло унга қўлини бигиз қилиб, — қизингизга алоқадор гап — каттами, майдами фарқи йўқ — ишимиз бўлади. Сизнинг ишингиз эса, менинг саволларимга тўғри жавоб қайтариш, менга танбеҳ бериш эмас. Тушундингизми? Аввал қамалган бўлсангиз бунақа гапларни яхши билишингиз керак. Ана энди айтинг: куёвингиз билан қизингиз қаерда, қай тарзда танишишган?
— Билмайман. Қизимни қаердадир кўриб ёқтириб қолган экан. Совчи қўйди. Ўртада нозик одам турган эди, хўп, дедик.
— Совчи ким эди?
— Совчими?... У ҳозир йўқ.
— Ўлганми?
— Нега ўларкан? Қамоқда у. Совхозимизнинг директори эди, туҳмат билан кетди.

Омонулло Турсуналининг исми-насабини ёзиб олиш чоғида кўз қири билан Тошболтага қараб унда енгил саросима сезди. «Ҳарҳолда буларнинг никоҳида бир сир бор, — деб ўйлади у. — Ёш, гўзал қизнинг бунақа тавияга иккинчи хотин бўлиб тегиши қизиқ...»

Омонулло Турсуналини суриштира бошлаганида Тошболтанинг овозида ҳадик сезилди, бармоқлари эса енгил титради. «Ҳали бу «бечора ота» билан кўп отамлашамиз, бугунга шу ҳам етар», деган фикрда дафтарчасини ёпиб чўнтагига солди-да, «Энди бардам бўлаверасиз, Худо сизга сабр берсин», деб яна бир марта таъзия билдирди. Сўнг доктилоскопистнинг ишини бирпас кузатган бўлиб, ташқарига чиқди. Зина панжарасига суяниб пичирлашиб турган уч аёл билан қайтадан саломлашди.

Омонулло «хотинлар бор жойда бизга ҳам, судга ҳам ҳожат йўқ», деб ҳазиллашарди. Бу ҳазил бежиз эмас. Жиноят юз берган ерда ким биринчи пайдо бўлади? Милитсиями ёки хотинларми? Милитсия жиноятчини ҳафталаб ёки ойлаб қидириб топади. Суд ишни ҳафталаб ўрганади. Хотинлар эса бу юмушларни бир неча дақиқада, нари борса бир соатда оғизлари билан боплаб бажариб қўйишади. Ҳамиша қош-қовоққа қараб яшовчи маъсума аёл ҳам бунақа пайтда «сиз аралашманг!» деб эрини уйига киритиб юборади. Ўзи эса норасмий суд ҳайъати аъзоси сифатида фаолиятини бошлайди. Бу сафар ҳам ёзилмаган қоида амал қилган, гувоҳ сифатида фақат хотинлар тўпланишган эди.

Омонулло остонада пайдо бўлиши билан кўриниши Кинг Конгнинг узоқ қариндошларини эслатувчи хотин овозини сал баландлатиб «Отиш керак, — деди. Сўнг қандай отиш лозимлигини ҳам аниқлаб берди: — Стадионга юз минг одамни тўплаб, пешонасидан отиш керак. Телевизорга ҳам олиб бериш керак».

Омонулло суҳбатни ана шу оғзи ботир хотин билан бошлади:
— Қайси хонадонда яшайсиз, опа? — деб сўради у чўнтагидан дафтарча чиқариб.
— Менинг уйим бу ерда эмас, магазиннинг тепасидаги дўмда тураман, — деди аёл.
— Ўлганларни танирмидингиз?
— Йўқ-а, мен нонга чиқувдим. Хотинлар гапираётган экан, келавердим-да.
— Ўлдирган одамни кўрдингизми?
— Вой, нега мен кўрар эканман?
— Кимни пешонасидан отмоқчисиз?
— Ўша ўлдирган одамни-да.
— Ким у?
— Билмайман.
— Нон олдингизми?
— Нон? Нимагайди?
— Эрингиз нонсиз оч ўтирибди. Борақолинг.
— Вой, савил, мени тергайдиган ҳам, оч ўтирадиган ҳам эрим йўқ, Худога шукр. Ҳайдамасангиз ҳам кетаман. Сассиғини ҳидлаб туришга кўзим учаётгани йўқ! — Шундай деб минғирлаганича зинадан пастга туша бошлади.
— Биз билганларимизни ёрдамчингизга айтдик, — деди аёллардан бири.
— Биз гувоҳ эканмиз, исмларимизни ҳам ёзиб олдилар, — деди иккинчиси.
— Нималарни биласиз? Нималарни айтдингиз?

Уларнинг билганлари: Нафиса қўни-қўшниларга унча аралашмайдиган «ёввойироқми» ёки «кибрли- ми» аёл. Ишга бориш-келишида йўлакда ёки кўчада кўришса кўришарди, бўлмаса йўқ. Бозор-ўчар қилганини, қўллари толиб сабзи-пиёз кўтариб келганини ёки дўкондан нон олганини биров кўрмаган. Эр-хотиннинг уришганлари у ёқда турсин, гап талашишганини ҳам эшитишмаган. Фақат икки ойми, уч ойми аввал битта хотин келиб жанжал қилгандай бўлибди. Мана шу сўнгги хабарда, Омонуллонинг назарида, жон бордай сезилди.
— Қанақа хотин эди? — деб аниқламоқчи бўлди.
— Биз тенги, ўрта ёш,— деди Омонуллога яқин турган аёл. Сўнг «чиройликкина» деб алоҳида изоҳ берди.
— Кимлигини билмайсизми?
— Йў-ўқ, танимаймиз у хотинни. Ўша куни мен қизимни кузатгани чиқувдим. Шу ерда рўпара бўлиб қолдим. Ёнида бир эркак ҳам бор эди. Эркагини сал танидим. Олдинги эри билан келиб турарди.

Кейинги гап Омонулло учун кутилмаган бўлди:
— Олдинги эри? — деб ҳар икки аёлга бир-бир қараб олди. — Самандар Очилов иккинчи эрими?
— Олдингисини эримас, девдингиз? — деди гапга қўшилмай турган аёл.
— Бир пас жим туринг, энди, — деб жеркиди Омонулло билан гаплашаётгани. — Ўлган одамлар ҳақида ёмон сўз айтилса гуноҳ бўларкан. Эрими ё бошқасими, кимлигини укамнинг ўзлари ажратиб оладилар. Бу уйни олишганига анча бўлган. Аввал муқим яшашмас эди. Биринчи эри билан келиб-кетиб юришарди. Бир марта сув тошириб юбориб, пастдагиларнинг расвосини чиқаришган. Биринчи эри мард экан, чиройли қилиб тузатиб берди.

  

— Биринчи эрининг отини билмайсизми?
— Ким сўрабди, дейсиз. Иккинчиси билан муқим яшаётгани учун сал-пал таниймиз. Лекин бу иккинчи эрининг ҳам йўқ бўлиб кетадиган одати бор.
— Жанжал қилган хотинни кундоши девдингиз, а? — деб гапга қўшилди нарироқда турган аёл.
— Унақа демаганман.
— Вой, девдингиз-ку...
— Демадим, ўхшатувдим. Нафисанинг анави бақироқ отаси гапириб қолди-да, «Бу ерда эринг йўқ, эринг Сибирда», деди. Қизимни кузатиб келаётсам яна шу хотинга рўпара бўлдим. «Мен тиланчи эмасман!» деб эшикни қарсиллатиб ёпди. Юрагим чиқиб кетай деди.
— Шериги-чи? — деб сўради Омонулло.
— Қайси шериги? Ҳа, анави эркакми? Уни кўчада кўрдим. У уйга кирмаган шекилли.
— Кейинги бир ҳафтами, ўн кундами нотаниш одамлар келиб-кетишмадими?
— Буни биз билмаймиз, опоси. Бизнинг гап пойлайдиган одатимиз ҳам, вақтимиз ҳам йўқ. Бу дўмга, рўпарадаги дўмга ким келиб-кетаётганини билса, Абдуқаюм билади.
— Ким у?
— Тепадаги қаватда битта бола бор. Белидан пасти ишламайди. Уззу-кун аравачасида ўтириб олиб, кўчага қарагани қараган. Бир хил пайтда суратга ҳам олади.
— Самандар Очиловни охирги марта қачон кўрдингиз? Ўн кун бўлдими ё йигирма кунми?
— Вой, нега ўн кун бўларкан? Уч кун ёки... икки кун бўлди. Йўлакдан чиқаверишда рўпара келиб қолдим. Салом берсам алик олмади. Мен ранжимадим. Шунақа телба-тескари одати бор одам-да у. Бир ҳил пайтда ўзи салом беради, бир хил пайтда хўмрайиб ўтиб кетади.
— Ўша куни Нафисаними ё ўлдирилган йигитними кўрмадингизми?
— Йў-ўқ кўрмадим...

Нарида турган аёлнинг ерга қараганини сезган Омонулло ундан алоҳида сўради:
— Сиз ҳам кўрмадингизми?

Аёл унга қарамаган ҳолда паст овозда «йўқ», деб қўйди. Ундаги ўзгариш Омонуллонинг диққатидан четда қолмади. «Вақти келганда ойдинлаштираман», деган мақсадда сир бой бермади.

Унинг сезгиси алдамаган эди: аёл уч кун олдин Нафисани бу йигит билан кўрган, «жувон ўлгур эри йўғида ўйнашини бошлаб келди», деб сирдош қўшнисига айтганди. Ҳамма гапни айтавериб кейин балоларга қолмаслик учун иккови ҳам жим қолишни маъқул кўришди.
— Ўлдирган одамни топсангиз отиладими? — деб сўради Омонуллонинг саволларига жавоб бераётган гапдон аёл.
— Сиз отилсин, десангиз, отилдаи.
— Вой, менга нима, баттар бўлмайдими! Энди кетаверайликми?
— Яна озгина туринг, илтимос. Экспертларнинг иши чиқиб қолиши мумкин.

Омонулло шундай деб аёллар айтган бола билан учрашиш ниятида юқорига кўтарилди. Эшик қўнҚироҚи тугмасини босишга улгурмай ичкаридан:
— Кираверинг, эшик очиқ, — деган ингичка, аммо жарангли овоз эшитилди.

Омонулло бу таклифга биноан эшикни очиб, остона ҳатлаши билан ўша овоз «поябзални ечиш лозимлигини» эслатди. Бир неча нафаслик сукутдан сўнг эса, «Энди тўғридаги хонага кираверинг», деб таклиф этди.

Тўғридаги хона эшиги ланг очиқ эди. Омонулло остона ҳатлай туриб беихиёр ўнг томонга қаради: энли дераза ёнидаги кичкина каравотда боши катта одамларники каби, бўйнидан бошлаб то оёғининг бармоқларигача тўрт яшар гўдакни эслатувчи, бола деса боламас, йигит деса йигит дейиш мушкул бўлган, қўлларию елкалари чандиб боғланган бир одам ёстиғига суяниб, чордона қуриб ўтирарди. У салом бергач, кўз ишораси билан стулни кўрсатиб «Марҳамат, ўтиринг», деб илтифот қилди. Сўнг:
— Абдуқаюм Маҳкам, — деб ўзини танитди. — Узр, сиз билан қўл бериб кўришолмадим. Фалокатни қаранг, суякларим сал эзилибди. Чиқиб келаётганингизни оёқ товушларидан билдим. Худо менга гавда бермагани билан қулоқ берган. — У шундай деб кулди. Унинг кулгиси беғубор, кўз боқишларида эса масъудлик бор эди. Қорачадан келган бу йигитчанинг юзларида Омонуллони ажаблантирган бир нур зоҳир эди. «Ажаблантирган» дейилишининг боиси — бу нур «иймон нури» дейиларки, бу марҳаматга, бу ажрга қандай амаллар эвазига етишмоқ мумкинлигини Омонулло ҳали билмас эди. Шу боис ҳам «бунақа аҳволдаги одам ҳам бахтиёр бўлуви мумкинми?» деган фикр хаёлини бир ёритиб ўтди.
— Ўтган куни фотоаппаратни созлайман, деб йиқилиб тушдим. Фалокатни қаранг-а!

Омонулло дераза токчасидаги телеобъективли фото-аппаратга назар ташлаб қўйди. Буни сезган Абдуқаюм:
— Бу менинг овунчоғим, — деб изоҳ берди. Сўнг меҳмондан нигоҳини узмаган тарзда: — келишингизни билардим, — деди.
— Қизиқ... қандай била қолдингиз? Фолбинлик ҳам қўлдан келадими?
— Йў-ўқ, — Абдуқаюм яна кулди. — Бунақа гуноҳ ишлардан Худо асрасин. Диққат қилинг-а, атрофимизда содир бўлаётган ёки энди бўлувчи ҳар бир воқеа бир-бири билан мантиқан боғланган. Биз фақат бунга эътиборсиз юрамиз. Мантиқан боғланувчи воқеани биз кўпинча тасодиф деб биламиз. Сизнинг бу уйга киришингиз тасодифми ёки мантиқан боғланган воқеалар занжирининг бир ҳалқасими? Ёки: сиз текшираётган қотиллик тасодифми ёки бир умрнинг мантиқий якуними? Сиз билан мен учун бу фожиа кутилмаган туюлади. Аслида-чи? Оллоҳ ҳамма нарсани мантиқ иплари билан боғлаб ташлаган.

Омонулло бу гапларни эшитиб лол қолди. «Гавданинг ўрнига қулоқ берган, дейди. Қулоқ эмас, ақл берган экан-ку», деб ўйлаб, унинг гапларини жимгина тинглайверди. Абдуқаюм эса жиддийлашиб бораётганини англаб, ширин жилмайди:
— Мана, қаранг, ажал тиғи икки кишини ўт ўргандай олди-кетди. Касаллик билан жон беришса бировнинг, айниқса, сизнинг ишингиз бўлмас эди. Улар ўлдирилибди. Аслида уларнинг ризқи тугаган. Оллоҳ уларнинг жонини алоҳида, алоҳида, бирон хасталик билан олинишини ихтиёр этиши мумкин эди. Йўқ, Яратганнинг хоҳиши айнан шу бўлди. Балки улар шунга яраша гуноҳ қилгандирлар. Балки Роббимиз уларнинг бу ҳолатини бошқаларга ўрнак қилиб кўрсатмоқчи бўлгандир. Буни билмаймиз. Билганимиз — зулм содир бўлди. Зулм бўлгач, милитсия келади. Милитсия келгач, албатта, қўшнилар билан гаплашади. Қўшнилар ким? Албатта, ҳамма нарсадан хабардор бўлишни истайдиган менинг меҳрибон опоқиларим. Улар эса, билган-билмаганларни қалаштириб айтиб ташлашгач, охирида менинг исмимни тилга олишади. «Билса шу бола билади», дейишади. Опоқиларим тушмагурлар мени кўчани кузатишдан бошқа ташвиши йўқ, деб ўйлашади. Бозор-позорга тушиб чиқишгандан сўнг «Бизникига ҳеч ким келмадими?» деб сўрайдиган одатлари бор. Милитсияга ҳам менга ўхшаган одам керак. Тўғрими? Ана энди сиз «уч кун олдин бегона одам кўринмадими?» деб сўрайсиз.

Омонулло «Ҳозирги ёшлар урди-сурди киноларни кўравериб, китобларни ўқийвериб, ҳаммалари изқувар бўлиб кетишган», деб ўйлаб, жилмайиб қўйди.
— Ҳа, сўрамайсизми? — деди Абдуқаюм унинг жим турганидан ажабланиб.
— Сўрамасам-чи? — деди Омонулло кулимсираган ҳолда.
— Унда мантиқ занжири узилади: сўрамасангиз бу уйга кирмас эдингиз. Сиз менинг қошу кўзимни кўргани кирмагансиз, тўғрими?
— Тўғри. Лекин мен сиздан бошқа нарсани сўрайман: уч кун олдин пастдан шовқин эшитилмадими?
— Қанақа шовқин?
— Масалан, эркак-аёлнинг жанжалими...
— Йўқ.
— Аввалроқ-чи?
— Аввал?.. Йўқ. Қотиллик эр-хотиннинг жанжали оқибати десангиз янглишасиз. У ер сокин хонадон эди.
— Лекин бегона одамлар келиб туришган экан?
— Сизникига келишмайдими? Мантиқнинг илдизи қаерда? Гап бегоналарнинг келишида эмас, қандай мақсадда келишида!
— Айтайлик... мақсад фаҳш бўлсин.
— Фаҳш? Ошириб юбордингиз. Нафиса опа фоҳиша бўлганида опоқилар адабини бериб қўйишарди.
— Лекин улар гапларида шунга шамаъ қилишди.
— Биринчи эри бор, дейишгандир ёки ўйнаши дейишгандир? Биламан бу гапларни. Ўша одамни танийман. Лекин у анчадан бери кўринмай қолди. Уч кун олдин келган йигит ўйнаш бўлмаса керак.
— Демак, уларни кўргансиз? Бу одамни танирмидингиз?

Бу саволни эшитиб Абдуқаюмнинг чеҳраси ёришди:
— Барибир сўрайсиз, дедим-а! — Шундай деб кулди. Сўнг жиддийлашиб бош чайқади: — Йўқ, уни танимадим.
— Унда нимага асосланиб ўйнаш эмас, деяпсиз?
— Юришлари хотиржам эди. Ҳеч қаёққа алангламай тўғри юриб келишди. Ўйнаш бўлса, «биров кузатмаяптими, танишларим кўриб қолмасин ишқилиб», деб хавотирланади. У ёқ-бу ёққа қарайверади. Ҳеч бўлмаса, йўлакка киришдан олдин орқасига ўгирилади. Ё бўлмаса, аёл кириб кетади, сал ўтмай ўйнаш киради.
— Сиз бу гапларни қаердан биласиз? Худди бутун умр ўйнашларни кузатиб юрган изқуварга ўхшаб гапиряпсиз?
— Буларни билиш учун унчалик кўп ақл зарур эмас.
— Бошқачароқ ҳолат ҳам бўлиши мумкинми?
— Албатта-да! Сиз билан биз бегона кўзларни чалғитишнинг мингта усулини санаб ўтирганимизда қайси бир уйда ўйнашлар бизнинг хаёлимизга ҳам келмаган минг биринчи усулда ишларини бошлаётгандирлар.
— Ҳа, фикрингиз мантиқан тўғри. У ҳолда, аёл эри йўқ пайтда бегона эркак билан нима мақсадда келиши мумкин?
— Бунисини билмадим. Бу фақат ўзларига маълум эди. Афсус шуки, ўликлар гапиришмайди.
— Ҳа, айниқса, биз учун афсус айнан шунда, — деб Абдуқаюмнинг фикрини тасдиқлади. Омонулло. — Улар ўзлари билан жуда кўп сирларин олиб кетадилар.
— «Қабр — дунё манзилининг охири. Охират эса, манзилнинг бошидир. Модомики, барчамиз қабрга кирар эканмиз, қандай қилиб кайфу сафога берилиб, роҳат-фароғатда юрибмиз?»

Омонулло «Бунчалар ақлли экан, бу йигитча», деб ўйлади. Абдуқаюм униг фикрнии ўқигандай кулимсиради:
— Ака, бу менинг гапларим эмас. Бир валиуллоҳ айтиб ўтган эканлар. Шошилмаётган бўлсангиз, яна бир фикримни айтаман. Фақат бекорчи гап деб ўйламанг. Шу ишингизга алоқадор бўлгани учун айтмоқчиман. Демак, гап бундай: дунё нимадир? Дунё — ўткинчи бир меҳмонхонадир. Дунёдаги энг улуғ бойлик нимадир? Дунёга берилмасликдир. Дунё бойлигини афзал билган киши зиллатга, хорликка, мол-дунё тўплаган киши эса қашшоқликка гирифтор бўлади. Дунё нимага ўхшайди? Дунё — ясатилган келинчакка ўхшайди. Кўзлар унга термулган, қалблар эса муштоқдир. Ясатилмиш келинчакка кимлар ошиқ? Шубҳасиз НАФС ошиқдир. Бу келинчак ошиқларнинг барчасини ҳалок этади. Ҳаётдаги тириклар ўликлардан, кейингилари олдингиларидан ибрат олмаяптилар. Уч хусусни унутмаслик керак: дунёнинг ўткинчи эканини, неъматларнинг ҳам ўткинчи эканини, муқаррар ўлимнинг ҳақ эканини.

Абдуқаюм «бу гаплар таъсир қилдими, мақбул бўлдими?» деган савол назари билан Омонуллога тикилиб қаради. Унинг гапларига мос равишда назари ҳам ўткир эди. Омонулло унга тик қарай олмади.
— Яхши гапларни айтган экан.
— Лекин... — Абдуқаюм кулимсиради. — Ҳозир бу гапларни эшитишга фурсатингиз йўқ. Кўнглимни оғритмаслик учун индамай тинглаяпсиз. Балки менга раҳмингиз келаётгандир? Сиздан илтимос, раҳмингиз келмасин. Мен ўзимнинг шу тақдиримдан ҳам розиман. Ҳарҳолда кўряпман, эшитяпман, гаплашяпман. Ахир кўрмайдиган, эшитмайдиган, тили айланмайдиганлар ҳам кўп-ку, тўғрими? Тан оламан, бир оз эзмароқман. Лекин лақма эмасман. Сўранг, сўрайверинг.
— Ўша куними, олдинми ё кейинми Самандар Очилов келмадими?
— Келдилар. Ўша куннинг ўзида бир кўриндилар. Новвотранг «Волга»да келдилар. Шошиб тушиб, шошилиб йўлакка кирдилар. Машинада битта ҳарбий одам ҳам бор эди. Погони кўк, полковник. Улар ҳам шошиб туришган экан.
— Буни қаердан билдингиз?
— Ҳайдовчи уч марта сигнал берди. Учинчисида полковник эшикни очиб пастга тушди.
— Очилов тахминан қанча вақт қолиб кетди?
— Тахминан ярим соатча.
— Болтаева билан Иброҳимов бу пайтда уйда бўлганлар, шундайми?
— Шундайга ўхшаб қолди.
— Очилов шошиб кирган экан, қайтишда-чи? Қанақа аҳволда қайтди, кийим-бошларида ўзгариш бормиди?
— Кийимларида ўзгариш сезмадим. Лекин секин-секин юриб чиқдилар. Қўлларида дипломат бор эди. Полковник бир нима девди, унга жавоб қайтармасдан индамай машинага ўтирдилар. Машина юришидан олдин деразаларига бир қараб олдилар. Лекин сиз бундан дарров бир хулоса чиқарманг.

Абдуқаюмнинг кейинги гапи Омонуллога малол келди.

«Қимматли маслаҳатингиз учун раҳмат, ука», деб пичинг қилмоқчи эди, тиши зирқираб, гапиртирмай қўйди. Меҳмоннинг афти буришганини кўрган Абдуқаюм чегарадан чиққанини фаҳмлаб, узр сўради:
— Гапларимдан хафа бўлманг, ака, мантиқан олиб қаралса, «ер қотил» деган хулоса келиб чиқади. Лекин бунақа олим одамларда рашк кучли бўлмайди. Улар одам ўлдира олишмайди. Нари борса бир шапалоқ уриб, тўнни елкага ташлаб чиқиб кетишади.

Абдуқаюмнинг гапларида жон бўлса ҳам Омонуллога малол келди. Бир йигитчанинг ёши улуғ одам каби фикр юритиши, унга ақл ўргатиши ғашини келтирди. Абдуқаюмнинг туғилиб, тилга кирганидан бери ўз тенгдошлари билан ўйнаб-кулолмай, ётган ерида фақат катталар билан суҳбатлашиши оқибатида шундай сергап, шундай маслаҳатгўй бўлиб қолганининг фаҳмига етмади. Бу хонадонга кириб Абдуқаюм билан суҳбатлашган ҳар бир одам истаса-истамаса унинг кўнглига қарашга мажбур бўлар эди. Омонулло гарчи ғаши келган бўлса-да, бу ёзилмаган қоидага беихтиёр бўйсунди. Ўзини кулимсирашга мажбур этиб:
— Сиздан хафа бўлган — ўғри, — деб ҳазил қилди. Сўнг жағини ушлаб, изоҳ берди: — Тишим оғрияпти.
— Тишингиз оғриса дўхтурга борманг. Мен сизга даволашнинг осонгина йўлини ўргатаман. Тиш нимага оғрийди? Совуқ теккани учун. Совуқни қандай ҳайдайсиз? Битта пиёлани олиб, ичига ёғ сурасиз-да сўнг қиздирасиз...

Ҳозиргина йигитчанинг ўта доно эканлигидан ғашлана бошлаган одам энди бу гапларни жон қулоғи билан эшитди. Маслаҳат сўнгига етгунига қадар нима мақсадда бу ерга кирганини унутди. Йигитчанинг маслаҳати бу сафар мойдеккина ёқди. Афсуски, ҳозирги ташвиш билан яқин соатларда уйига боролмайди. Кечаси ҳам бориш насиб этадими ё йўқми — Худо билади. Ишдан ҳоли бўлганида ҳозироқ бориб шу йигитча айтгандай пиёлани қиздириб, чап қулоғини қўйиб ётармиди, оғриқ қайтиб кўзлари мошдек очилармиди...

Омонулло маслаҳатлар учун раҳмат айтиб, ўрнидан турди.
— Телефонингизни айтинг, қўлим тузалса қўнғироқ қиламан. Балки янги гаплар эсимга тушиб қолар?

Омонулло ён дафтарчага телефон рақамларини ёзаётганида Абдуқаюм яна донолигини бошлади:
— Америкада шунақа жиноят юз берса «қотилни топган одамга ёки хабар берган одамга шунча минг доллар мукофот» деб телевизорларида эълон қилинади. Шунинг учун уларда жиноятчи тез топилади.

«Худди Америкада яшайдиган одамдай гапиради-я!» деб ўйлади Омонулло. Абдуқаюм эса давом этди:
— Сизлар эса ҳаммасини теп-текинга бажармоқчи бўласизлар. Шунинг учун одамлар сизлардан қочади. Иш ёлғиз ўзларингизга қолиб кетади. Бунақа ишда сизга нисбатан гувоҳларга қийин. Гувоҳ жонини гаровга қўйиб айтади айтадиган гапларини. Ё нотўғрими?
—Тўғри, — деди Омонулло дафтарчасидан саҳифани йиртиб олиб унга узатар экан. — Мана шу ишни юмалоқ-ёстиқ қилайлик, кейин иккаламиз Америка политсиясига бориб ишлаймиз. Топганимиз — ўртада, келишдикми?

Бу гапни эшитиб Абдуқаюм кулиб юборди. Унинг кулгиси ёш боланинг кулгисидай жарангдор ва самимий эди.

Омонулло бу хонадондан дастлабки гумонига қувват олган ҳолда чиқди. Қотил қизниг отаси бўлиши ҳам мумкин, деган яна бир гумони олинажак маълумотлардан сўнг ҳақиқатга яқинлашгандай бўлади. Бугун эса қора рўйхатга биринчи бўлиб Нафисанинг эри Самандар Очилов ёзилди.

Одатда бирон аёл қоқилиб тушиб жон берса ҳам «ери уриб ўлдиргандир» деб гумон қилинади. Шундай экан, Самандарнинг гумон ўқига нишон бўлмоғи табиий ҳол. Агар тиббий эксперт қотиллик икки ёки тўрт эмас, айнан уч кун олдин юз берган деб тасдиқласа, унда Самандарнинг бошига бало тошлари ёғилиши тайин.

Қонли гирдоб

Абдуқаюм янглишмади: Самандар ўша куни уйига келганди. Аслида унинг уйга келиш нияти йўқ эди. Режаси бўйича, Нафиса таътилга чиқмоҚи, у эса вертолётни шаҳарга жўнатмоҚи лозим эди. Одам етиб келиши мушкул бўлган, аммо табиатнинг мавжуд гўзалликларини ўзида мужассам этган бу дарада Нафиса узоҚи билан бир ҳафта чидаб яшай оларди. Чўлда ўсган бу жувонни гўзал манзаралар ҳам, тонгда булбулларнинг сайраши ҳам, покиза булоқ сувлари ҳам мафтун қила олмасди. Бир неча олиму хизматкорлардан иборат бу «шаҳарча»га дастлаб келганидаёқ «зиндоннинг ўзи-ку, бу ер» деб баҳо берган, уч кунга аранг чидаган эди. Самандарнинг биринчи хотини ҳам тоққа тоқат қила олмасди. У чодир атрофида ўрмалаб юрган илонни кўрганидаёқ чинқириб оламни бузган, шу-шу бу ёққа қадам босмай қўйган эди. Самандар Нафисада ҳам биринчи хотинининг қилиқларидан бор эканлигини сезиб ғашланди-ю, кейин ўз ишлари билан андармон бўлиб эътибор бермай қўйди.

Турсунали қамалгач, Нафиса бир неча ҳафта гарангсиб юрди. Ҳатто эрига қарамай ҳам қўйди. Самандар «жуда яхши кўрар экан-да», деб ўйлади-ю, аммо хаёлига келган гапларни тилига чиқармади. Аксар одамлар тиш фақат овқат чайнаш учун мавжуддир, деб ҳисоблайдилар. Самандарнинг тишлари эса, иккинчи вазифасини — тилга қўриқчилик юмушини ҳам бажаради. Унинг тили бекордан бекорга тиш ҳатламайди. Самандарнинг феълини яхши билган киши «бу малла одамни ташқарига сочилмай, ичига ютилган дардлари сарғайтириб юборган», деган хулосага келуви тайин эди.

Самандар индамай қўя қолгани билан қайнотаси жим турмади: қизи Нафисани обдон сиқувга олди. Отасининг гаплари таъсир қилдими ёки соғинч дарди қариб, кучдан қолдими, ҳарҳолда Нафисанинг эрига бўлган муносабати яхши томонга ўзгарди. Икковлари чинакам эр-хотин мартабасига етишгандай эдилар. Самандар учун кутилмаганда Нафиса бу ерга келиш ихтиёрини билдириб, соғинганини маълум қилди.

Эрталаб нонуштада Самандар вертолет учувчисига «тайёрлан, шаҳарга тушиб, янгангни олиб келасан», деб тайинлади. Вертолет учишга улгурмай унинг ўзини марказ чақиртирди. Буйруқ қисқа, айни чоқда тушунарсиз эди: «Сўнгги маълумотлар масаласида тезда Москвага етиб келинг».

Вертолет ҳарбий аеродромдаги ўз майдончасига қўнгач, новвотранг «Волга» ёнида турган полковник уни қаршилаб, ўзини таништирди-да, «Сизни кузатиб бориш менга топширилган», деб вазифасини баён қилди. Сўнг марказни нима қизиқтираётганини айтди.
— Мен уйга кириб-чиқишим керак, баъзи ҳисоб-китобларим уйда, — деди Самандар.

Полковник аввалига норози бўлди. Самандар бу қоғозларсиз Москвага бориш фойдасиз эканини айтгач, ноилож кўнди.

Самандар уйга кирди-ю, нима учун келганини унутди.

Абдуқаюм янглишмаган эди:

... ярим соатча қолиб кетди...

Тўғри, бунинг орасида ташқарига бир чиқди. Ўша онда қўшни аёлга йўлиқди. Зинадан пастга тушаётиб, нима учун келганини эслади-да, изига қайтди. Унинг бу ҳаракатини кузатган қўшни аёл «жинни-пинни бўлиб қолганми ё мастми?» деб ўйлади. Зийрак нигоҳи «бу телбанинг» панжалари қон эканини ҳам илғади. «Бир бало бўлди» деди-ю, ўзини тезда ичкарига олди.

Самандар уйига қайтиб, гарангсиган бир аҳволда хонасига кирди-да, пўлат жавондан керакли қоғозларини олди. Қўлидаги қон юқини ювиб ташлаш хаёлига ҳам келмади. Фақат машинага ўтирганида полковник «қўлингизга нима қилди?» деб сўрагач, панжаларига қараб ажабланди. Беихтиёр равишда «шиша тилиб кетди», деди. Яхшики полковник «қанақа шиша? Қандай тарзда?» деб эзмаланмади. Бунинг ўрнига ҳайдовчидан «аптечканг борми?» деб сўради. Рад жавобини олгач, чўнтагидан рўмолча чиқариб, Самандарга узатди-да, «Боғлаб олинг, самолётда аптечка бўлиши керак», деди.

Самандар рўмолчани қон теккан панжалари устига ташлаб, ҳолсизланаётганини ҳис қилди. Кўнгли айниди. Ўриндиққа суяниб, кўзларини юмди. Кўз олдини қоплаган қора парда бирдан қизил ранг олди. Самандар гўё қон гирдобида қолгандай бўлди. Бу қон гирдоби орасидан беҳисоб қонли панжалар кўтарилиб уни бўға бошлади. Нафаси қайтиб, бақириб юборай деди. Шошилиб кўзларини очди.

Учоққа чиққунларича кўнгли беҳузур бўлиб анча тоқатсизланди. Учоқ ўрнидан қўзғолмай туриб полковник энсиз дока, дори кўтариб келиб, «ярангизни боғлаб қўяй», деди. Гаранг бўлиб ўтирган Самандар «қанақа яра?» деб юборишига сал қолди. Яхшики қўлини «шиша тилиб юборгани» эсига тушди. «Ўзим ювиб, боғлайман», деб дока, дорини олиб ҳожатхонага ўтди, Қўлини ювди. Учоқ чайқала бошлагач, ўзини тутолмай қайт қилди. Сўнг юзларини ювиб, кўзгуга қаради. Кўзгуда унинг акси эмас, Нафисанинг «гуноҳим нима?» деб бақрайган кўзларини кўриб, қўрқиб кетди. Беихтиёр орқасига тисарилди. Кўзгудаги бақрайган нигоҳ йўқолиб, ўзининг акси кўринди. Малла ранги оқариб ўлик тусини олгандай туюлди ўзига. Юзларига аста шапатилади. Сўнг панжасини дока билан бетартиб равишда боғлаб жойига қайтди. Полковник унинг боғланган қўлига ажабланиб қаради-ю, «адашдим шекилли», деб ўйлаб индамади. Йўқ, полковник янглишмаганди: Самандар уйидан чиқиб келганда унинг ўнг панжаси қон эди. Ҳозир эса чап қўлини боғлаб олганди.

Самандар полковник гапга тутмасин, деган мақсадда ўзини иш билан банд қилиб кўрсатиш учун қоғозларни варақлади. Бир оз вақт ўтгач, «иш билан банд» эканини ҳам унутиб, кўзлари бир нуқтада қотди. Аскар йигит яқинлашиб, қаҳва узатганини ҳам сезмади. Полковник унинг билагига қўлини асталик билан қўйиб:
— Ўртоқ Бош конструктор, — деди.

Самандар енгил сесканиб, унга қаради.
— Қаҳва ичинг, енгил тортасиз, — деди полковник кулимсираб.

«Енгил тортасиз» — деб ажабланди Самандар. — Бир нимани сездими бу одам? Ўзимни тутиб олишим керак. Уйда ҳеч нима бўлгани йўқ, ҳеч нима... Бу туш эди, ваҳимали туш...»

Қаҳва ҳўплаётиб шу тарзда ўзини ўзи овутиб, «туш кўраётгани»га ишонтирмоқчи бўлди.
— Қондан қўрқар экансиз, — деди полковник кулимсираб.
— Йўғ-э, — деди Самандар айби ошкор бўлган боладай.
— Ҳа, рангингиз айтиб турибди. Сиз ҳижолат бўлманг, айрим одамлар шунақа бўлишади. Қонга кўзи тушиши билан ҳушидан кетиб қоладиганлар ҳам бор. Кўнглингиз айниганини машинадаёқ сезган эдим. Тағин ҳам чидадингиз.

Самандар бу лутфни қабул қилгандай ўзини зўрлаб кулимсиради.
— Бир оз дам олинг, ўтиб кетади, — деди полковник, меҳрибонлик билан.

«Ўтиб кетади? Қани эди ўтиб кетса!.. Ўтиб кетадиган манзара эмас бу...» деб ўйлади Самандар. Полковникнинг таклифи унга маъқул келди: бекорчи суҳбатдан қочишнинг яхши йўли — дам олиш. У қаҳвани ичиб бўлгач, суянчиқни туширди-да, ётиб, кўзларини юмди.

Samandar shu boʻyi to uchoq Moskva yaqinidagi harbiy aerodromga qoʻnguniga qadar qaddini koʻtarmadi. Polkovnik taomga taklif qilganida koʻzlarini yarim ochib, «yoʻq» ishorasini qilib, bosh chayqab qoʻya qoldi.

Кўзларини юмиб ётгани билан ухламади. Аслида бу ҳолда ётиш ҳам унинг учун азоб эди. Бироқ, полковник билан суҳбатлашгандан кўра шу алфозда азоб чекиш маъқулроқ туюлди.

У икки тўлқин исканжасида эди. Бири — қон тусида, уйидаги даҳшат манзараси, иккинчиси — бир неча соатдан сўнг бўлажак суҳбатлар. Самандар биринчи тўлқинни енгишга, Нафисанинг бақрайган кўзларини ҳайдашга, гирдобдан кўтарилаётган қонли панжаларни нари суришга интилди. Бир неча муддат бунга эришгандай ҳам бўлди. Бироқ, нари кетган манзаралар яна шиддат билан ўз ўрнига қайтаверди.

Самандар турли ташвишлар наҳрида беармон сузган, аммо бу каби кучли тўлқинларга банди бўлмаган эди. Яратганига банда бўлолмаганларнинг ажри балки шудир — ташвишу аламларга банди бўлишдир...

У кейинги маълумотларга катталарнинг ишонишлари қийин, балки сиёсий тус ҳам берилар, деган таҳминни дилига тугиб юрган эди. Унинг кашфиётига асосланган қурилмалар дунёдаги ядро полигонларининг ҳар биридаги энг кучсиз синовни ҳам аниқлаб, билиб бериши мумкин эди. Аммо ўн икки кун аввал кутилмаган ҳолат юз берди: қурилма заминнинг кучсиз тебранганини хабар қилди. Заминнинг тебраниши янгилик эмас, аммо тебраниш маркази сира кутилмаган ерда эди. Улардаги харита бўйича бу жойда ядро полигони йўқ эди. Самандар ҳисоб-китобларни қайта-қайта текширди, солиштирди. Рақамлар бари-бир ўжарлик билан айнан ўша жойни кўрсатиб тураверди.

Самандар маълумотларни бир кун кечикиб юборди.

Марказ танбеҳ берар, деб ўйлаётган эди. Шошқич чақирилуви у учун кутилмаган бўлди. Айниқса, уйдаги воқеа...

Учоқ ерга қўниб, белгиланган майдончада тўхтагач, Самандар қаддини кўтарди. У гўё учоқда учмади, балки танклар занжири остида эзиланди. Учоқ уни уйидаги воқеадан узиб олиб, неча минг чақирим нарига олиб келгани билан хаёлига боҚланган ташвиш ипларини уза олмаган эди.

Учоқ зинапоясида уларни икки қора «Волга» кутиб турарди. Полковник ҳамкасби билан саломлашиб «вазифа адо этилгани»ни маълум қилгач, Самандар машинага ўтирди. «Вазифасини бажарган» полковникка «алоҳида буйруқ бўлгунича кутинглар», — дейилгач, машиналар ўрнидан қўзғолди.

Самандар Москва кўчаларини яхши биларди. Шу боис Мудофаа вазирлиги жойлашган кўчага бурилишмаганидан ажабланди-да:
— Қаерга кетяпмиз? — деб сўради. Уни полковникдан «қабул қилиб олган» одам бамайлихотирлик билан:
— Кремлга, — деди.
— Кимнинг олдига? — деб сўради Самандар.
— Сизни ўртоқ Байгилдин кутяпти.
— Базаровчи?
— Виктор Базарович ҳам ўша ерда.

Базаров деганлари вазирлик ҳузуридаги Марказ бошлиғи эди. Одатда Самандар асосан шу одамга йўлиқарди. Байгилдиннинг ҳузурига камдан кам ҳоллардагина боришарди. Самандар бу сафар тўғри ўша ерга борилаётганидан масаланинг жиддий эканини англади. Бир жиҳатдан Байгилдинга рўпара бўлиши яхши. Фаросатли одам. Базаровга ўхшаб ҳуда-беҳуда сўкиниб бақиравермайди. Ҳарҳолда унда ҳарбийликка нисбатан олимлиги устун туради.

Кремлда тўғри Байгилдинга рўпара бўлмади. Бари-бир аввал Базаровга йўлиқди:
— Сен нима қилиб қўйдинг, биласанми? — деди у совуққина саломлашиб.
— Нима қилибман? — деди Самандар ҳам совуқроқ оҳангда.
— Бутун разведка оёққа турган. Агар маълумотинг исботланмаса, биласанми нима бўлади?
— Биламан. Ишларимнинг оёғи осмондан бўлади.
— Фақат ишларинг эмас, ўзинг ҳам. Фақат ўзинг эмас, мен ҳам...
— Шунақа хатар бор экан, маълумотни буларга кўрсатманг эди.
— Сен шунақа вақиллайверасан. Рост бўлса-чи? Унда яна бир бало! «Қаёққа қараяпсанлар?!» деб учириб юборишади. Нима бўлса бўлди — таваккал! Юр.

Байгилдин у қадар ваҳима қилмади. Маълумотнома, ҳисоб-китоблар хулосаси билан танишган бўлса-да, Самандарнинг тушунтиришларини диққат билан тинглади.
— Илмий экспертиза хулосаларингизнинг тўғри эканини тасдиқлади. Лекин ҳозирча узил-кесил тўхтамга кела олмаймиз. Ҳозир орбитал стантсиядагиларга ҳам топшириқ берилган. Самандар Очилович, сиз уч-тўрт кун Москвада дам олинг. Сиз билан Василий Игнатевич ҳам кўришмоқчилар. Қурилмаларингизни Ҳиндиқушга ҳам ўрнатсак-чи? Нима дейсиз?
— Афғонистонгами?
— Ҳа.
— Шартми? Ҳозирги жойи ҳам етарли. Қурилма сезгирлигини яна ҳам ошириш мумкин.
— Қандай қилиб?

Самандар уйдан олиб чиққан қоғозлар тахламини унга узатди.
— Ҳаммаси ҳисоб-китоб қилинган. Ҳиндиқушда янгисини қургандан кўра сезгирлик оширилса, юз баравар арзон тушса керак.
— Сен буларни менга айтмовдинг? — деди Базаров норози оҳангда.
— Тўппа-тўғри бу ерга бошлаб келишларини билмабман. Аслида сизга кўрсатаман, деб ўйловдим. Сиз барибир ўртоқ Байгилдинга берардингиз.
— Бу ҳисобингиз ҳам тўғри, — деди Байгилдин жилмайиб. Сўнг қоғоз юзидаги қизил доғга кўзи тушиб, Самандарнинг боғлоғлиқ қўлига қаради: — Қўлга нима қилди?
— Ҳа, шунчаки... шиша тилиб кетди, — деди Самандар ўзини хотиржам тутишга интилиб.

Байгилдин уларни узоқ ушлаб ўтирмади. Самандарни шаҳар четидаги хос меҳмонхонага кузатиб қўйишди. Хонага кириб, биринчи кўргани — Ҳиндиқуш харитаси бўлди. «Мақсадлари жиддийга ўхшай-ди, — деб ўйлади. — Агар Афғонистонга ҳам ўрнатилса, янги ўта сезгир қурилмага ҳожат қолмайди. Йўлни тўсишади». Шу фикр хаёлига келиб, баттар бўғилди. Музжавонни очди: бахтига ароқ бор экан. Катта қадаҳга қуйиб, саҳрода йўл юриб чанқаган одам каби ютоқиб ичди. Биттага қаноат қилмасдан иккинчисини ҳам тўлдириб ичгач, дастурхон устидаги олмалардан бирини олиб, карсиллатиб тишлади. Назарида ароқнинг қуввати ожиздай туюлиб яна икки марта ичди-да, шиша белига ёпиштирилган ёрлиққа қаради. Ароқнинг қирқ даража эканини ўқиб, ажабланганича бош чайқади.

Эшик тақиллаб, аскар йигит кўринди-да, «Емакхонага чиқасизми ё овқатни шу ерга олиб келайми?» деб сўради. Самандар оч бўлса-да, овқат егиси йўқ эди. Аввалига «керакмас», деб рад этди. Сўнг йигитни чақириб, «шу ерга олиб кел», деб буюрди.

Ароқ таъсир қилиб, бадани қизиди. Боши айланди. Боғланган панжасига қараб ғижинди-да, докани ечиб ташлади. Ўзича бир нималар деб ғўдираниб, ҳаммомга кирди. Ювиниб чиққанида хонани овқатнинг ёқимли иси тутган эди. Шишани бўшатгунича тўрт-беш чўқим овқат ея олди, ҳалос. Томоғидан бошқа ҳеч нарса ўтмади. Яна бир шиша пиво ичгач, тўшакка ҳам етиб бора олмай, гилам устига чўзилди.

...Нафиса кўзларини ярим юмганича тўшакда айшини сурарди. Самандарнинг кириб келганига на у, на-да хуштори эътибор берди. Самандар «Ҳайвон! Бузуқ!» деб бақирмоқчи бўлди, аммо овози чиқмади. Сўнг... ошхонадан болта олиб чиқиб, уларни чопаверди, чопаверди. Сўнг... даҳшатга тушди. Болта уларни қийма-қийма қилиб ташлаган бўлса-да, танада бир томчи ҳам қон кўринмади. Сўнг... қиймаланган тана бус-бутун ҳолга келиб, қадлари кўтарилди. «Эй нодон!» деб унга қараб кулдилар, кулавердилар. Сўнг... Самандар уларга пичоқ билан ташланди. Улар қочдилар, қочавердилар. Самандар ғазабга келиб, пичоқни отди. Пичоқ кинодаги мерган қўлидан отилгандай тўғри бориб Нафисанинг чап кўкрагига санчилди. Нафиса йиқилди. Ўлди. Чинакамига ўлди! Ана, кўкрагидан қон сизиб чиқяпти. Қон... иссиқ, қон. Кўзлари эса бақрайиб қолди: «Гуноҳим нима эди?» деб сўраётганга ўхшади. Самандар қўрқиб кетди: «Нафис, сени ўлдирмоқчи эмасдим. Турсунали билан биргалигингни билганимда ҳам кечирган эдим. Бу сафар ҳам кечирардим. Ўлма, Нафис...» Шундай деб турганида хуштор келиб бошига тўқмоқ билан урди, ураверди. Тўқмоқ ҳар урилганида жаранглаб, акс-садо таратди, таратаверди... Нафаси эса бўғилди, бўғилаверди...

То уйқудан уйғонгунига қадар шу туш асоратида азоб чекди. Қўрқувдан уйғондими ё эшикнинг тақиллаганидан уйғондими — фарқлай олмади. Ҳарҳолда эшикнинг тақиллаши бошига урилган тўқмоқ жарангига монанд эди. Бошига урилган тўқмоқ тушида кечган бўлса-да, гардани лўқиллаб оғрирди.

Аввалига қимирлаш у ёқдан турсин, «Ҳа, ким?!» дейишга ҳам мажоли етмади. Аниқроғи қаерда, нима учун ётганини идрок қилолмади. Бир оз гарангсиб ётгач, нонуштадан кейин бўлиб ўтган воқеаларни хира тарзда бўлса-да, эслади. Шундан сўнг кўзларини аранг очди. Эшик яна тақиллагач, «ҳозир!» деб овоз берди-да, инқиллаб ўрнидан турди. Уй худди осма кўприкдай у ён-бу ён тебрангандай бўлиб, чайқалди. Гандираклаб бориб эшикни очди.

Енгсиз ич кўйлакда турган гавдали одам уни кўриб жилмайди:
— Хайрият! Бу кимсасиз оролда биттагина инсофли тирик одам бор экан! — деди у. — Ҳамма хоналарни бирма-бир тақиллатиб чиқдим. Тирик одам йўқми, билмайман. Бўлса ҳам очишмайди. Қўрқишадими, билмайман. Мен ёлғизликни ёмон кўраман. Ичгим келяпти, қўшни, нима мен алкашманмики ҳадеб ёлғиз ичаверсам. Кўнглим ширин суҳбатни истаяпти. Сиз менга шерик бўла олмайсизми? — У шундай деб қўлидаги ароқни юқори кўтарди.

Боши айланиб, оғзи қуриб, кўнгли беҳузур бўлаётган Самандарга бу таклиф маъқул келди. Гарчи у чақирилмаган меҳмонга зид ўлароқ ёлғизликни ёқтирса ҳам ҳозир улфат билан ичгиси келди.
— Киринг, — деди у тисарилиб.

Меҳмон остона ҳатлаб қўл узатди-да, ўзини танитди:
— Медведев, Сергей Лаврентевич.

Самандар «Марҳамат қилинг», деб жой кўрсатди. Медведевнинг шими ёнидаги қизил ҳошияни кўриб «генераллардан экан-да», деб қўйди. Медведев эса ёзув столи устидаги Ҳиндиқуш харитасига кўзи тушиб «ўзимиздан экан», деб ўйлади.
— Исмингиз нима, қўшни? — деди Медведев икки қадаҳга ароқ қуйиб.

Киев университетида, сўнг Москвадаги аспирантурада ўқиб юрганида Самандарни ҳамма «Саша» деб чақирарди. Шуни эслаб у:
— Саша деяверинг, — деб қўйди.
— Сашоқ, саломатлик учун! Мен сендан хурсандман. Бу ердаги ягона тирик одам сен экансан... — Медведев шундай деб тик турган ҳолида қадаҳни бир кўтаришдаёқ бўшатди.

Самандар қадаҳни лабига яқинлаштирганида ароқнинг ҳиди димоғига урилиб, сесканди. Кўнгли баттар айниди. Меҳмон қараб тургани учун ҳижолат чекди. Кейин чуқур нафас олди-да, бир зарб билан ичиб юбора қолди. Дам ўтмай ўзини енгил ҳис эта бошлади. Учинчи қадаҳдан кейин эса пича ўзига келди. Бу ерга киришдан аввал ҳам бўкиб ичган меҳмоннинг «гап халтаси тешилиб», тинмай гапираверди.
— Сашок, мен ҳарбий одамман. Менинг касбим жанг қилиш. Қоғоз титиб идорада ўтирадиганларга тоқат қила олмайман. Россияни ким хароб қилди, биласанми? Ана ўша бурнига кўзойнак қўндириб, қоғоз титиб ўтирадиганлар. Биз эса буюк Россия шуҳратига шуҳрат қўшамиз. Бу — бизнинг бурчимиз.

Медведев яна қадаҳларни тўлдирди:
— Буюк Россиямиз учун, унинг шуҳрати учун! — У шундай деб хитоб қилгач, қадаҳни одати бўйича бир кўтаришда бўшатиб, кафтига «куф» деб қўйди.

Самандар энди ичишга қийналмади. Оғриқлар уни тарк этган, аммо қулоғи шанғиллаб, меҳмоннинг гапларини дуруст идрок қила олмаётган эди. Медведев эса «сукут ризолик аломати» саналгандай «гапларим Сашокка маъқул келяпти», деган фикрда жўшиб сўзлайверди.
— Бу ғаламислар Россиянинг Ўрта Шарқдаги сиёсатини ўзгартиришмоқчи. Очиғини айтайми? Михаил Меченнийнинг ишлари менга ёқмаяпти.

Самандар Михаил Меченнийнинг ким эканини дарров англамади. Кейинроқ фаҳмлаб, нимани тасдиқ этаётганини ўзи ҳам тушунмай, бош ирғаб қўйди.
— У бизнинг Германияни икки қўллаб топширди. Германия учун руслар қанча қон тўкишган, биласанми? Энди эса Афғонистонни бермоқчи! Горчаков жаноблари 1877 йилда нима қилган биласанми? Билмайсан! Гранвиллни биласанми? У ўша пайтда Англия ташқи ишлар министри эди. Горчаков у билан сулҳ тузди. Ҳозирги Афғонистоннинг шимолий чегарасини ўша аҳмоқ белгилаган. Нега аҳмоқ, деяпсанми? Шунинг учунки, яна бир зарб берилса, Афғонистон тўлалигича бизники эди. Ҳеч бўлмаса ярми бизники бўларди. Бугун бекорга қон тўкиб юрмасдик. Энди Михаил Меченний нима қилмоқчи? Биласанми? Билмайман, дема, биласан. Бу ерда бекорга ўтирганинг йўқдир. Мени ҳам шунинг учун чақиртиришибди. Булар Афғонистонни топширишмоқчи! Қўшинни қайтаришмоқчи! Бунга чидаш мумкинми?! Йўқ! Сен чидасанг чидайвер, аммо мен чидай олмайман! Ахир у ерлар рус қони эвазига олинди. Халқи тамоман қириб ташланса ҳам Афғонистонни қўлдан бермаслик керак. Афғонистон — Покистон калити, Ҳиндистон калити, Ҳинд океани йўли! Ҳиндиқушчи? Бундай стратегик қулай жой яна қаерда бор? Энди сен айт: қайси аҳмоқ калитни ўз ихтиёри билан беради?

У яна бир оз асабийлашган ҳолда ароқ қуйди:
— Россия шуҳратининг сўнишига сира йўл қўймаймиз!

Самандарнинг кўзларига қадаҳ аввал иккита, сўнг учта бўлиб кўринди, кейин чирпирак бўлиб айлана бошлади. Россиянинг шуҳрати учун ичишга қурби етмай ёнига шилқ этиб йиқилди.
— О, Сашок, ичишни эплай олмас экансан-ку!

Медведев шундай деб уни икки қўлтиғидан олди-да, судраб бориб каравотига ётқизди.
— Бўпти, Сашок, омон бўл! Бир оз кўнглим ёзилди. Аммо сен менинг гапларимни унут!

Шундай деб яримдан озайган шишани кўтариб, бир оз гандираклаган ҳолда хонадан чиқди. Дам ўтмай қўшни хона эшиги тақиллай бошлади. У энди эрталабгача бирга ичиши мумкин бўлган «тирик одам» изларди.

Ҳаммаёқни булғаб ташлаган Самандарни эса эрталаб ҳарбийлар шифохонасига олиб кетишди.

Армон

Тиш оғриғининг давоси омбур, деганларидек, Омонулло ўзидаги қўрқувни енгишга куч топиб, тиш табибига кирди-ю, бир неча дақиқада кўзлари мошдек очилди, қоронҚу дунёси ёришди. Аввалги куни эътибор бермаган нарсалар энди муҳим бўлиб кўринаверди.

Ўша куни Абдуқаюмнинг уйидан чиққач, доктилоскопист уни ичкари хонага чақирди-да, пўлат сандиқдаги қонли доғни кўрсатди:
— Эшик тутқичларида ҳам айни шу из.

Омонулло пўлат сандиқни синчиклаб кўздан кечирди: очишга уринилмаган. Балки ўз калити билан очиб-ёпилгандир? «Ким очиб ёпган? Очиловми? Пулларини олиб қочганми?» Омонуллонинг хаёлига келган биринчи фикр шу бўлди. Самандардан бармоқ изларини олиб, қонли излар билан солиштириб кўрилмагунича аниқ бир қарорга кела олмас эди. Шу сабабли унинг қаердалигини аниқлаш мақсадида ишхонасига йўл олди.

Телефондаги савол-жавобдан сўнг унинг келишини кутишаётган экан. Ташқаридан қараганда кўримсизгина бўлган уч қаватли уй темир панжара билан ўралган эди. Омонулло дарвоза ёнидаги қоровулхонадан нарига ўта олмади. Қоровулхона одатдагидан кўра кенгроқ, учдан икки қисми бел баробар тахта тўсиқ билан ажратилган эди. Одамлар ўтиши учун мўлжалланган йўлак ўртасига худди метродаги каби очилиб-ёпиладиган тўсиқ қўйилган эди. Худди шу жойда тўхтаган Омонуллонинг гувоҳномасини кўришди. Аввалига тўсиқ ёнида турган йигит ҳарфма-ҳарф ўқиётгандай тикилди. Сўнг бир суратга, бир Омонуллога тикилди-да, гувоҳномани хона тўрида ўтирган ўрта ёш, тепакал кишига олиб бориб берди. Тепакал кўзойнагини тақди, бу ҳам камлик қилиб, тортмасидан тошойна чиқариб гувоҳномани синчиклаб текширди. Кейин ўнг томондаги компютер тугмаларини босиб, беш-олти дақиқа давомида нигоҳини экрандан олмай ўтирди. Экранда жавоб ёзувлар пайдо бўлганидан кейингина буйруқ оҳангида «ўтинг» деб қўйди.

Омонулло аввал ҳовлига, кейин уч қаватли бинога ўтсам керак, деган фикрда «қаёққа борамиз?» деб сўради. Йигит унга жавобан жилмайиб қўйди-да, тўсиқни очиб, «Бу ёққа», деб тепакал томонга ишора қилди. Омонулло ичкарига ўтиб, тепакалнинг рўпарасидаги стулга ўтирди.
— Очиловда нима ишингиз бор? — деб сўради тепакал унга қаттиқ тикилиб.
— Ундан сўраб-билиб оладиган гапларим бор.
— Қанақа гап?
— Сиз билишингиз шартми?
— Шарт.
— Айтайлик, бир жиноятга оид гаплар бўлиши мумкин.
— Қанақа жиноят?
— Буни ҳам билишингиз шартми?
— Очиловга тегишли бўлса — шарт.
— Унинг хотини ўлдирилган.
— Қачон?
— Тахминан уч кун аввал.
— Очилов бир ойдан бери сафарда.
— Қаерда?
— Керакли жойда.
— Уни кўришим шарт.
— Келганида кўраверасиз.
— Қачон келади?
— Керак бўлганида келади.
— Аниқроғини ҳеч ким билмайдими?
— Очилов билан ишингиз бўлмасин. Жиноят юз бердими, жиноятчини топинг. Сизга маслаҳатим: бу томонларга бошқа келмаганингиз маъқул.
— Хотинининг ўлганини хабар қилиш керакдир? Мурдани кўмиш керакдир? — деди Омонулло бир оз аччиқланиб.
— Хотинининг ҳеч кими йўқ эканми? — деб сўради тепакал пинагини бузмай.
— Отаси бор.
— Хотиржам бўлинг, отаси кўмаверади. Эри кўмиши шарт эмас.

Тепакал «гап тамом, сизга рухсат», дегандай гувоҳномани узатди. Омонулло бу ердагиларнинг оддий қоровул эмасликларини тушуниб етган бўлса-да, тепакалнинг подполковник унвонида эканидан бехабар эди. Шунга қарамай унинг қўрслигига жавоб бермади. Ўрнидан туриб хайрлашмоқчи бўлганида тепакал ўтирган еридан қўзғолмаган ҳолда қўл узатди:
— Шаштингизга қараганда Очиловга бошқа кўз билан қарамоқчига ўхшайсиз, — деди у. — Сизга маслаҳатим: Очиловни тинч қўйинг. Унга тишингиз ўтмайди.
— Қонун олдида ҳамма тенг, — деди Омонулло бу сафар қатъийроқ оҳангда.
— Сиз ўқиган китобда шунақа ёзилганми? Ҳаётда эса, азизим, бутунлай бошқа. Шуни ҳали ҳам тушуниб етмадингизми?

...Тиш оғриғидан қутулиб, фикри тиниқлашгач, ўша учрашувни, ўша тепакалнинг кейинги гапларини эслаб ўйга толди: «Нима демоқчи? Қотил Очилов бўлган тақдирда ҳам қўлингдан ҳеч нима келмайди», демоқчими? Шунчалар зирҳи қалинми бу идоранинг? Хўп кунларга қолдим-да! Жиноят илдизини топиб, «бандитизм» десам, «Бунақа гап йўқ, партия съездида СССРда бандитизмга барҳам берилган» дейилган», деб гаранг қилишади. Мана, жиноятчини ушладим, десам, «тўхта, қамамай тур, коммунист экан, аввал партиядан ўчириб олишсин», дейди. Бошқасини «депутат экан», дейди. Энди бунисига нима дейишаркин?..»

Яхши ҳамки Абдуқаюм новвотранг «Волга»нинг рақамларини эслаб қолган экан. Ҳарбий прокуратура орқали машина ҳайдовчиси ҳам, полковник ҳам топилиб, сўралгач, Омонуллодаги гумон ҳақиқат сари янада яқинлашди. Айниқса, Очиловнинг ўнг қўлини «шиша кесиб кетгани», учоқда эса чап қўлини боғлаб олгани унинг аҳволини аён этгандай эди. Унинг назарида Очиловни ҳибсга олиш учун шу далилнинг ўзиёқ кифоя эди. Айни дамда уни бошқа нарсалар ўйлантирарди. Санжар Иброҳимовнинг қисмати оиласига маълум этилгач, улар учун гўё қиёмат бошлангандай бўлди. Яқинлари «жасадни беринглар», деб ўликхонани қамал қилиб олиш даражасига етдилар. Нафисанинг мурдаси эса яна икки кун ўликхонада қолиб кетибди.

Кооператив бошлиғи Омонулло юборган вакилга «Иккови ҳам суюқоёқ эди, энди ҳайдамоқчийдим» дебди. Санжар Иброҳимовнинг укаси эса, Омонулло билан суҳбатда «Бизнинг уруғда ҳаромга юрадиган одам йўқ. Акам ҳаромдан ҳазар қилар эдилар», деб гапни калта қилди. Иброҳимовнинг хотини эса ўтинч билан «адасидан бундай гумон қилманг», деб кўз ёши тўкди. Уларнинг бу зорли гаплари марҳум хотирасини ҳимоя қилиш учунгина айтилмаётганини Омонулло сезди. Бу гапларга ишонди. Аммо «Эри сафарда бўлган чиройли ёш жувон билан унинг уйига нима учун келди?» деган саволга жавоб топа олмагани учун, марҳумнинг руҳи чирқираса ҳам, шу гумондан узоқлашмасликка мажбур эди. Эркакнинг ҳаромдан ҳазар қилиб юриши аъло ҳол, бироқ... ўртада шайтони лаъин ҳам бор-да...

Марҳумлар хизмат қилган кооперативнинг бошлиғи ғоятда тез гапирганидан ўзининг ҳам нафаси қайтиб кетувчи, чақчайган кўзларидан маккорлик нури сачраб турувчи одам экан. Омонулло «Одамнинг тили алдагани билан кўз қараши алдай олмайди, мен ҳар қандай одамнинг кўзига бир қарашдаёқ кимлигини айтиб бера оламан», деб мақтанишни яхши кўрарди. Қайнатма шўрванинг кўпиги бўлгани каби, бу мақтанишнинг чегарадан чиққан ери ҳам бор эди. Аммо Омонулло юздан етмиш ҳолда адашмас эди, дейилса ҳақиқатдан четга чиқилмас. Ўша юздан етмиш ҳолатнинг бири кооператив бошлиғини кўрганида амал қилди. Шу боис ҳам «Сиз марҳумларни яхши билармидингиз?» — деб сўрамай, гапни айлантирди.
— Кооперативда ишлар қалай, гуллаб-яшнаяптими? — деб сўраб, бошлиққа тикилди.
— Ҳа, энди, қимирлаб турибмиз. Ҳукуматга раҳмат, ҳамма шароитлар бор.
— Гапингиз тўғри. Шароит зўр. Хоҳлаган қинғирликларга шарт-шароит михдай яратилган, буни биз биламиз, — Омонулло «биз» деган сўзни алоҳида урғу билан талаффуз этди. Бу алоҳида оҳанг бошлиқнинг миясига тўқмоқдек урилиб, бир сесканди. Лекин ўзини гўлликка солиб, хи-хилаб кулди:
— Ие, ҳали шунақалар ҳам борми? Қинғирликдан Худо асрасин. Ҳукумат шунча шароит яратиб берганига шукр қилиб тўғри ишлаганга нима етсин!
— Гапларингиз зўр... аммо сизда ҳам озгина бор экан, деб эшитдик.

Бошлиқ «бунинг гапи чинми?» — деган фикрда киприкларини пирпиратиб, Омонуллога бир зум тикилди. Сўнг яна қувлик кўчасига ўтиб, жилмайди. Жилмайганда лабларининг сал титраганини Омонуллонинг зийрак нигоҳи илғади.
— Ҳазилингиз бор бўлсин. Биз «Худо ҳалолидан берсин», деб юрган бандамиз, акахон.
— Шунақами? Иброҳимов билан Болтаева бу қинғирликларни очамиз, деб юришган экан-ку?

Омонуллонинг бу тагдор гапи соясида «Улар сирни очмоқчи бўлганлари учун ўлдирилганлар», деган маъно бор эди. Ана шу маъно ўқ каби миясига санчилиб, бутун танасини зирқиратган ҳолда товонидан тешиб чиққандай бўлди. Энди юзидаги қувлик жилма-йиши ҳам йўқолди. Бир оз ўйланди-да:
— Ким шундай деган бўлса, ўлган одамнинг гўштини ебди, — деди.
— Ўлган одамнинг гўшти? Гапингизга тушунмадим? — деди Омонулло ажабланиб.
— ғийбат билан туҳмат — ўлган одам гўштини ейиш билан баробар экан.
— Шундайми? Унда сиз нима учун бу гўштни едингиз?
— Мен-а? Астағфируллоҳ! Нега бундай деяпсиз?
— «Булар суюқоёқ эди, ҳайдаб юбормоқчийдим» деган ким, сиз эмасми?
— Мен шундай дебманми?
— Хотирангиз яхши эмасми? Сиз чет элнинг киноларини кўрмаганмисиз? — Омонулло саволни беришга берди-ю, жавоб кутмади: — Тугмачага жойлаштирилган магнитофонлари бор... Бизда шунақаси йўқ деб ўйлайсизми?
— Деган бўлсам дегандирман. Ачомлашиб ётишганда ўлдириб кетганидан кейин яна нима дейишим мумкин?
— Ким сизга «ачомлашиб ётишган» деди?
— Ҳамманинг оғзида шу гап. Ўзим кўрмадим. Эшитганимни айтяпман.
— Сиз шу одамларнинг раҳбари эдингиз. Нега аниғини сўраб-суриштирмадингиз?
— Менга бунинг нима қизиғи бор?
— Сиз уларнинг суюқоёқ эканликларини исботлай оласизми?
— Ўртоқ терговчи, мен сизнинг бундай саволларингизга жавоб бермайман. Мени гўл деб ўйламанг. Мен ҳам юрфакни битирганман. Унча-бунча нарсага ақлим етади.
— Шундайми? — Омонулло киноя аралаш жилмайди. — Унда ўртоқ ҳамкасб, сиз баъзи дарсларга кирмай қочиб юрган экансиз. Сиз кирмаган дарсларнинг бирида «терговчи ишга алоқадор ҳар қандай саволни сўрашга ҳақли», — деб таълим берилган.
— Ҳозирги саволингиз ишга алоқадорми?
— Бўлмасам-чи? Мен уларнинг муносабатларини билишим керакми? Уйга нима учун боришган? Балки кооперативдаги қинғир ишларни ёзиш учун боришгандир? Жаҳлингиз чиқмасин, бу шунчаки гумон холос. Биз сиз билан яна учрашамиз. Истасангиз адвокат ёлланг. Адвокат иштирокида гаплашинг, бу сизнинг ҳуқуқингиз.

Омонулло шундай деб изига қайтди. Аслида «Кооперативдаги қинғир ишларни фош қилмоқчи бўлишганда ўлдирилган», деган гумони заиф эди. Лекин кооператив бошлиғининг саросимаси бу заиф гумонга қувват бериб қўйди. Ўн дафтарчасидаги «қотил ким?» саволи остига ёзилган «Эри», «Отаси» деган жавоб ёнига «Бошлиғи?» ёзуви ҳам пайдо бўлди. Айниқса, эртаси куни бошлиқ номидан адвокатнинг келиши уни ажаблантирди. «Олий маълумотли юрист»дан бунақанги ҳаракатни кутмаган эди. «Бир балоси бор. Бўлмаса ҳе йўқ, бе йўқ ҳимоячи ёллайдими?» деб ўйлаб, «бошлиқ?» деган ёзув тагига икки марта чизиб қўйди-да, Бошқарма бошлиғига учраб, кооперативнинг молиявий аҳволи зудлик билан текширилуви лозимлиги ҳақидаги фикрини баён этди. Фикр маъқуллангач, эртасигаёқ кооператив муҳрланиб, текширув ишлари бошланди.

Қотилликка оид текширув қамрови кенгайгани сайин Омонулло саволлар, жумбоқлар гирдобига банди бўлиб бораверди. Гирдобдан чиқа олиш ёки тамоман муваффақиятсизлик баҳрига ғарқ бўлиши ўзининг фаросатига боғлиқ эканини у яхши фаҳмларди. Бу каби гирдоб унинг учун янгилик эмас. Ҳар бир жиноятга доир ишнинг ўзига яраша ўрамаси мавжуд. Шунинг баробарида чўкишдан асраб қолувчи ҳимоя чамбараги топилмаса ҳам ушлаб олишга ярайдиган дарахт илдизими ё хасми, албатта бўлади. Энг муҳими уларни вақтида кўра билиш, маҳкам ушлаб олишда. Чўкаётган одам хасга тирмашганидек, у ҳам бирон бир далилга маҳкам ёпишади. Ҳозирги гирдобда у хас эмас, ҳимоя чамбарагини топгандай эди. Назарида уйдаги қонли излар айнан шу чамбаракнинг ўзи эди. Қолган далиллар сув ўрами каби уни ўзига тортар, аммо у халоскорликни айнан ўша қонли изларда деб ўзини ишонтирмоқчи бўларди.

Омонулло бошлиғига кооперативда текширув ўтказиш ҳақидаги фикрини баён қилиб, унинг ризолигини олгач, енгил тортди. У Бошлиқ ҳузурига киришда «сиз жиноятчини топиш билан шуғулланинг, кооперативнинг молиявий иши сизга алоқадор эмас», деб қолармикин», деган ҳадикда эди. Яхшики жиноятнинг бир учи шу ишга бориб тақалиши мумкинлигини Бошлиқ ҳам тушунди. Омонулло шундан хурсанд эди. Барча соҳалардаги каби уларнинг ишида ҳам баъзан бошлиқларга гап тушунтириш қийин бўлади. Айнан бир хилда фикрлайдиган, иш юритадиган бошлиқ билан ходимни топиш қийин эмас. Ўз фикри, ўз услуби бўлмаган одамларгина бошлиқ билан бир хилда иш юритадилар. Ақлли бошлиқлар бундай ходимлардан эҳтиёт бўладилар. Бундайларни ўзларига яқинлаштирмайдилар. Айниқса жиноятга дахлдор ишларда бошлиқ чизган чизиқдан чиқмай юриш яхши натижага олиб келмаслиги мумкин. Бошлиқ қанчалар тажрибали, билимли бўлмасин, ҳар-ҳолда у идора одамига айланади. Ҳар бир жиноят эса алоҳида олам. Бу оламнинг ўзига яраша, бошқаларга ўхшамайдиган паст-баландликлари бўлади. Идорадаги одам буларни ўтган тажрибаларига суянган ҳолда пайқаши қийин. Бошлиқ шуни тушунса — ходимнинг омади юришгани. Омонуллога бу сафар шундай омад кулиб боққани учун кайфияти кўтарилди. Уйига эртароқ қайтиб ҳордиқ чиқаргиси, фикрларини тиниқлаштириб олгиси келди.

Тўққиз қаватли уйнинг йўлагига киргач, таъби тирриқ бўлди: лифт ишламаётган экан. Еттинчи қаватга пиёда босиб кўтарилиш малол келди. Ҳаллослаб чиқиб борганига яраша уни бир меҳрибон кутаётган бўлса экан, дастурхон тузаса экан, эркалаб, меҳрибонликлар қилса экан...

Хотини Фотимани Ҳиндистонга кузатганидан бери уйи ҳувиллаб, кирган одамни ютаман, дейди. Саккиз йил муқаддам Фотиманинг бармоғига никоҳ узугини таққанида, сўнг суйиб бўса олганида хотинининг нозли илтимосларига, ўжарликларига қул бўлиб қолишини ўйламаган эди. Баъзан Фотиманинг бирон илтимосига «хўп» деб қўйиб кейин ўзи афсусланиб юрар эди. «Шу хотиннинг нимасини яхша кўраман? Нимасига ишқибоз бўлиб олганман? Бир оғиз сўзимга илҳақ бўлиб юрганлар кўп эди-ку? Бўлди! Энди биронта илтимосини бажармайман!» деб онт ичарди. Аммо бу қасам қўрғони Фотиманинг биргина ширин жилмайишидаёқ вайрон бўлиб кетарди. Фотима узун қора соч-лари билан боғлаб олганмиди, ё ҳамиша кулиб турувчи шаҳло кўзлари билан ром этганмиди, ё қалдирғоч қаноти каби қоши, қайрилма киприклари билан қалбини ўзига бўйсундирганмиди — Омонулло билмайди. Билгани — Фотимани жондан ортиқ севади. Фотима эса... Омонуллони севадими ё ўзининг илмий ишиними? Мана шу жумбоқ баъзан юзага қалқиб чиқиб қоларди. Ўшанда Омонулло «Мен сизга кимман? Бир қулман. Сизга энг муҳими — илмий иш! Номзод бўлиб олай, дедингиз — бўлдингиз. Энди доктор бўлмоқчисиз — бўласиз. Кейин профессор бўлгингиз келади, кейин академик бўларсиз. Омонқул эса мишиқи боладай атрофингизда гирдикапалак бўлиб, хизматингизни қилиб юраверади», деб аразлайди. Шунда Фотима ёнар эди. Лов этиб эмас, атрофига учқунлар сачратиб, «яқинлашсанг — ютаман!» деб эмас, майингина, роҳатижон бўлиб ёнарди. Ўзининг энг ишончли қуроли — ширин жилмайишни ишга соларди, юзидаги кулгичи эрининг араз ўтларини сўндира қоларди. «Ўттиз ёшимгача чидайсиз, деб шарт қўйганмидим, сиз ўшанда кўнганмидингиз? Ҳозир тўқсон фоиз сизникиман, ўн фоизнигина илмий ишимга берганман. Ёқлаб олай, юз фоиз сизники бўламан. Бошқа унвонларнинг орқасидан югурсам бетимга тупуринг. Мен учун энг муҳими — илм. Одамларга нимадир бериш. Агар ақлим билан илмим етарли бўлса сиз айтган мартабаларнинг ўзи келади. Нима, академикнинг эри бўлсангиз ёмонми? Академик кирингизни ювса, икки букилиб чой узатса... ёмонми?» Шу гаплардан кейин Омонулло араз нарвонидан пастроққа тушарди: «Ҳа... энди сиз ҳам хоним, генералнинг хотини бўлсангиз ярашармиди... Генерал бозорингизни қилиб берса, гиламларингизнинг чангини қоқиб берса, «буюрсинлар хоним!», деб қўл қовуштириб турса...»

Уларнинг биров учун аччиқ, бировга нордон туюлган, ўзлари учун эса ёқимли, ширин бўлган турмушлари шу зайлда давом этарди.

Ҳинд олимлари Бобур салтанатига оид докторлик ишни Ҳиндистонда давом эттиришни таклиф қилишгач, Омонуллонинг юраги бир увишди. Ярим йил ёлғиз яшаш ҳазилакам гапми?! Фотима «Бормасам бўлмайди!» деб икки оёқни бир этикка тиқиб, жанжал қилмади. Одатига хилоф равишда «Сиз нима десангиз шу — астойдил рози бўлсангиз, бораман, кўнглингизга хиралик аралашса — қоламан», деб қўйди. Омонулло нима дерди: «Қирқига чидаган қирқ бирига ҳам чидайман», дейди-да! Бунинг устига Фотима Омонулло учун кутилмаганда тантанали ваъда берди: докторлик диссертатсиясини ёқлагач, то илмий иш Москвадан тасдиқ этилиб, диплом қўлга теккунича Ҳасан-Ҳусан туғиб берадиган бўлди. Бу гапни худди «Дўконга чиқаману икки қути гугурт ё туз олиб келаман», деган тарзда айтди. Омонулло эса ишонди. Уйи ҳасан-ҳусанлар билан тўлиб кетгандай кўнгли ёришди. Тўғри, «Ҳасан-Ҳусан эмас, балки Фотима-Зуҳра бўлар», деб ҳам ўйлади. Лекин унинг учун бу муҳим эмас, муҳими — хотини туғишга рози! Рози бўлганида ҳам белгиланган муддатдан икки йил аввалроқ туғиб бермоқчи. Матбуотчиларнинг тили билан айтганда «планни муддатидан аввал бажармоқчи!» Бу катта ютуқ!

Шу пайтгача ўттиз ёшдан кейин, деб белгилаган муддатини астойдил ҳимоя қиларди. Буни фақат ўзининг илмий ишлари билан изоҳламай, тиббий жиҳатдан «илмий исбот» ҳам топган эди. Нима эмиш, ўттиз ёшдан кейин туғса, болалари зеҳнли, ақлли, ҳам жисмонан бақувват бўлармиш. Бу даъвони эшитиб, Омонулло кулган эди. «Нимага куласиз?» — деган эди Фотима. «Менинг бир танишим бор, — деб жавоб қайтарган эди Омонулло, — у туғилганида отаси йигирма бир ёшда, онаси ўн тўққизда бўлган экан. Мен ўша танишимни кўп кузатганман: зеҳни паст аҳмоққа ўхшамайди. Ҳар-ҳолда у салкам фан доктори-я! Жисмоний жиҳатдан ҳам унчалик нозик эмас...» Фотима ўзи ҳақида айтилган бу гапга жавоб беролмай, «Бу алоҳида масала», деб қўйган эди.

Ҳиндистонга кетишдан ўн кун аввал Омонулло уйга ярим кечада қайтди. Тунда қайтадими ё саҳардами — Фотиманинг ухламай кутишини яхши билади. Фотима бошқа хотинларга ўхшаб хавотир олмайди, десак ноинсофлик бўлар. Ҳақиқатга кўчсак, ўлчами йўқ, сиғими мавҳум бу хавотир деганлари ўлчанса, Фотиманики ҳамманикидан кўпроқ чиқар. Фақат у бошқалар каби «Эрим қачон келаркин?» (ёки «Эрим ким билан айшини суриб юрганийкин?») деб жағини дераза токчасига тираб, кўчага тикилиб ўтирмайди. Омонулло қай пайтда келса ҳам уни ёзув столига мук тушганча ўқиб-ёзиб ўтирганини кўради.

Бу сафар ҳам шундай бўлди.

Фотима бу сафар ҳам одатини канда қилмади — «қаёқларда юрибсиз?» демади. Ўрнидан туриб салом бергач, ошхона томон юрмоқчи бўлганида эри тўхтатиб, «қорним тўқ», деди.
— Ҳм, ўғриларингиз тўйдириб юборишдими? — деди Фотима ўзига ярашиқли киноя билан.

Бошқа хотинлар «ўйнашларингиз», жуда маданий тарзда айтса «хушторларингиз тўйдириб юборишдими?» дейишаркан. Фотима эса ҳамиша «ўғриларингиз» дейди, бу сўзни айнан айтади, унинг панасига «ўйнаш», деган маънони яширмайди.
— Қамашдан олдин зиёфатини ейиш керак-да, — деди Омонулло хотинига жавобан, сўнг стол устидаги китобга кўз ташлади. — Нима ўқияпсан? Яна «Бобурнома»ми? Юзинчи мартами?
— Минг марта ўқишим керак. Ҳар ўқиганимда биттадан маъно топсам мингта маъно топган бўламан.
— Жонингга тегмайдими?
— Ўғриларингиз сизнинг жонингизда тегишмайдими?
— Ё... уларсиз яшай олмайман, — деб кулди Омонулло.
— Мен ҳам бу китобсиз яшай олмайман.
— Менсиз-чи?
— Гапни бурманг. Сиз кўчада ҳуштак чалиб юрадиган оддий милиса эмассиз. Олий маълумотли зиёли одамсиз.
— Бунинг устига бўлажак академикнинг эриман.
— Ҳа, шунақа десак ҳам бўлади. Лекин сиз гапни бурмай туринг. Сиз менга айтинг. Бобурни билмаган, тушунмаган одамни зиёли дейиш мумкинми? Қани, мана бу ерга ўтиринг-чи!

Омонулло кулимсираган ҳолда итоат этди.
— Кулманг, деяпман.
— Хоним, тарих дарси учун туннинг қолган ярми етарли бўлармикин? Балки бошқа тунга қолдирармиз?
— Йўқ, ҳозир айтмасам, ёрилиб кетаман. Эшитинг: — Фотима шундай деб китобнинг керакли варағини очиб, ўқий бошлади: — ...Муҳаммад Ҳумоюн... олти ойгача анда эди: зоҳиран ани ер ва суйи хуш ёқмади. Иситма тутар экандур, бора-бора узоққа тортар» Тушундингизми? — Фотима китобдан бош кўтариб, эрига гапира кетди: — Бобурнинг ўғли хаста экан. Уни аввал Деҳлига кейин кемага ўтқазиб Аграга олиб келишни буюряпти. Ҳумоюн мирзога табиблар чора топиб беришолмагач, Мир Абулқосим деган киши дейдики, — Фотима энди ёддан айта бошлади: — «Ушмундоқ дардларга даво будурким, яхши нимарсалардан тасаддуқ қилмоқ керак. Тоинки Тенгри-таоло сиҳҳат бергай. Менинг кўнглумга келдиким, Муҳаммад Ҳумоюннинг мендин ўзга яхшироқ нимарсаси йўқ. Мен ўзум тасаддуқ бўлайин, Худой қабул қилсун. Хожа Халифа, ўзга муқарраблардин арзга тегурдиларким, Муҳаммад Ҳумоюн сиҳҳат топар, сиз бу сўзи нечун тилингизга келтурасиз? ҳараз будирким, дунё молидин яхшисини тасаддуқ қилмоқ керак. Бас, ўша олмоским, Иброҳимни урушида тушуб эрди...» бу ерда дунёга машҳур Кўҳи нур олмоси назарда тутилаётган бўлса керак. Тушуняпсизми? Улар «ўзингизни эмас, шу қимматбаҳо буюмни садақа қилсангиз ҳам етар», дейишибди. Бобур нима дебди: «Тилга келдиким, дунё моли анинг эвазига нечук бўлгай, мен анинг фидоси қилурменким, ҳол анга мушкул бўлубдур. Ва андин ўтубтурким, мен анинг бетоқатлигини тоқат келтурғаймен. Ўшал ҳолатга кириб, уч қатла бошидин ўргулуб, дедимким, мен кўтардим ҳар не дардинг бор. Ўшал замон мен оғир бўлдум, ул енгил бўлди. Ул сиҳҳат бўлуб қўпти. Мен нохуш бўлуб йиқилдим...» Хўш, бунга нима дейсиз? Қайси подшо ўғлига жонини садақа қилган? Ҳусайн Бойқароми? Икковини солиштиринг: бири набирасини ўлдиртирди, бири жонини ўғлига ҳадя қилди.
— Мен ҳам гапирсам майлими? — деди Омонулло худди ўқувчи бола каби қўл кўтариб. Фотима сал чегарадан чиққанини фаҳмлади-ю, аммо сир бой бергиси келмай бир оз жилмайган ҳолда амр этди:
— Гапиринг, ўртоқ капитан, сўз сизга!
— Биринчидан, бу сатрларни менга аввал ҳам ўқиб берган эдингиз, хоним. Иккинчи гапим шуки, аввал айтмовдим, энди айтаман: агар менинг ўғлим бўлганида уч марта эмас, уч минг марта атрофини айланардим. Битта эмас, уч мингта жоним бўлса, ҳаммасини садақа қилиб юборардим.

Фотима ярим тундаги суҳбатнинг бу тарзда нозик торларни чертиб юборишини сира кутмаган эди. Шу сабабли таслим бўлишдан ўзга чораси қолмади. Китобни ёпди. Киприклари нигоҳини тўсди. Синиқ овозда:
— Овқат емайсизми? — деб қайта сўради. Сўнг эрига илтижо билан боқди: — Яна озгина сабр қилинг...

Омонулло ҳозир уй йўлагида туриб шуни эслади. Ҳовлида ўйнаб юрган болаларга қараб ҳаваси келди. «Уйланган йилим туғиб берганида ҳозир етти ёшга тўларди. Қўлидан етаклаб юрардим. Мактабига олиб бориб, олиб келардим. Ўзи Ҳиндистонида юрса юраверарди...»

Ажр

«Қизимни урган қўлларинг акашак бўлсин! Сен менинг қизимни урдинг — сени Худо урсин! Менинг қўлларим сенинг ёқангда! Қиёматгача қарғайман сени!».

Қайнонасининг фарёд билан айтган бу сўзлари хотирасига михланиб қолган.

Ўшанда суд ҳукмини кутиб ўтирган эди. Қайнонаси айюҳаннос солиб кирди. Қарғади. Қарғаб-қарғаб хуморидан чиқмади. Дод солиб йиғлайверди. «Суд ишига халақит беряпти», деб уни қарийб судраб олиб чиқишди. Унинг фарёди ташқарида ҳам тинмади.

У аввалига қайнонасининг қарғишларига тушунмади. Хотинининг ўлганини кейинроқ билди. Билди-ю, қўрқиб кетди. «Агар бу ўлимни ҳам елкамга юклашса, раҳм қилишса ўн беш йил беришади, бўлмаса отишлари тайин», деб ўйлаб юраги орқасига тортди. Ҳар тугур «тракторни маст ҳолда ҳайдагани, «Жигули»га урилгани, ҳайдовчининг жароҳат олгани...» қамалиш учун кифоя қилди. Қўлига кишан уриб, суд хонасидан олиб кетишди. Ўша онларни кейинчалик эсласа «Бахтимдан ўргилай», деб қўядиган бўлди. Хотини ўша куни эмас, икки-уч кун аввалроқ ўлганида отувдан қутулиб қололмаслиги тайин эди.

Судга нима, «урганингда жигари ёрилиб кетган», деб қотиллик жандасини бўйнига илади. Қайнонасиникига бориб жанжал қилгани, хотинини қувиб юриб урганини билишгач, «қасддан ўлдирган», деб ҳукм чиқариб юбораверишади.

Қасддан... Хотинини ўлдириш хаёлига келганмиди ўша дамда? Қайнонасиникига нима учун борган, хотинини нима учун урган — ўзи ҳам билмайди. Эсида қолгани: шийпонда меҳмон кутадиган бўлишди. Раиснинг муовини келиб, унга «Тракторингни тутатма. Бугун нозик меҳмон келадиғон, би-ир пазандалигингни кўрсат», деб кетди. Раиснинг меҳмон кутадиган боғи, ўзининг ошпази бўлса ҳам меҳмоннинг бу ерда кутилиши улар учун тушунарсиз ҳол эди. Унинг пазандалигига кўпчилик қойил қоларди. Ўзи ҳам қозон атрофида яйраб кетарди.

Хуллас, меҳмон келди. Овқат ейишининг тайини йўқ, озғингина одам экан, Жуссаси нозикмиди ёки амали нозикмиди, билишолмади. Билишга қизиқишмади ҳам. Меҳмон кетгач, зиёфатни ўзлари давом эттиришди. Бир томондан куннинг иссиғи, яна бир томондан халқумларини қиздириб ўтган шайтон суви таъсир қилиб, шомга қолмай юмалаб қолишди.

У шом салқинида бир оз ўзига келиб, кўзини очди. Шишаларда, пиёлаларда қолган-қутганини тўплаб, нафсини ором олдиртиргач, бир амаллаб тракторига чиқиб олди. Уйга боргани эсида. Онаси нимадир деди. Нима деганини кейин ҳеч эслай олмади. Сўнг қайнонасиникига борди... Қайтишда бир машина рўпарасидан чиқди. Кейин билса, унинг ўзи трактори билан машина рўпарасидан чиққан экан.

«Шунга ёш умрини жувонмарг қилиб қамаш шартмиди?..»

Унинг хулосаси шу эди.

Кўп нарсалар эсидан чиқиб кетди. Лекин қайнонасининг фарёдини унута олмади. Қамоқда юрганида ҳам, кейин ҳам вақти-вақти билан қулоҚи остида жаранглайверди. Ҳар жаранглаганда бир чўчиб тушади. «...Сени Худо урсин!..» Ибодатсиз бўлса ҳам қўрқарди бу қарҚишдан. «Худо қанақасига урар экан?» — деб кўп ўйларди.

Тошболта Худонинг қанақасига уришини мана энди билгандай бўлди.

Бу ожиз банда, бу нодон банда, бу шайтон измидаги банда фоний дунёдаги ҳар бир ҳаракати, ҳар бир айтган гапи учун ажр мавжуд эканини, ҳатто қизининг ўлими ҳам ўзига яраша мукофот эканини англаб етмаган эди.

У «норасмий куёви», бир вақтлардаги ўзининг таъбири билан айтганда «валинеъмати» бўлмиш Турсуналининг қўлига кишан урилганида кўп ҳам қайғурмади. Топар-тутари яхши, обрў-эътибори ҳам баланд чин куёвга ёлчиганидан сўнг Турсунали кўзига шумқадам бўлиб кўринаётган эди. Шилқимлиги бир кунмас бир кун қизининг оиласини бузиши мумкинлигини ўйлай бошлаган, аввалги фикрларидан қайтган, бой амалдорга ўйнаш бўлишнинг қисқа умрли бахт эканига тушуниб қолган эди. «Эрта-индин урилиб кетиш эҳтимолидаги амалдорга ўйнаш бўлишдан, тагида вертолёти бор олимга хотин бўлиш минг карра афзал», деган тўхтамга келганида унинг мушкулотини Худонинг ўзи енгиллатиб берди — ўйнашни йўлдан олиб ташлади. Унга қадар «норасмий куёви»нинг марҳамати билан Сибирия шаҳарларига мева-чева олиб бориб сотишни касб қилаётган эди. Бу иш билан шу пайтгача шуғулланиб келган одамлари Турсуналининг назарида ғирромлик йўлига ўтишган, унча-бунча пулни ўмариб қоладиган бўлишган эди. Гулдай қизининг номусини ҳадя этишдан қайтмаган Тошболтанинг садоқатига ишониб, Магаданга олиб бориладиган бир вагон помидорни унга топширди. Тошболта пулга қўшиб, бу ерларда топилиши қийин бўлган тилла-жавҳар буюмларни олиб келиб бергач, мўлжални бехато олганидан ўзича қувонди. «Мен буни бир лақма ошпаз деб юрсам, балонинг ўқи экан-ку!» деб ишонч дарвозаларини кенгроқ очди.

Тошболтага айнан шу — ишонч дарвозасидан ўтиб, ичкарироқ кириб, яхшироқ ўрнашиб олиш керак эди. Аслида у юлдузни бенарвон урадиган тоифадан эмасди. Турсунали гумон қилганидек, озгина лақмалиги ҳам бор эди. Аммо каттароқ даромаднинг ҳиди димоққа урилса ҳийла бош кўтариб, лақмаликни қувар экан. Вагон Магаданга етиб боргунича шерикларининг суҳбатларига зеҳн солиб, пулни пулга уриштириб тилла «ясаш»ни ўрганди. Магадандаги мижозлар эса «директорга яқин одам»ни ўзларига оғдириб олиш учун бу касбнинг сир-синоатларини ўргатдилар. Пулнинг бир қисмига жавҳар кўзли тилла узук олиб бориш ҳам ана ўшаларнинг маслаҳати билан бўлган эди. Биринчи сафардаёқ киши билмас тарзда пулдан ўмариб қолди. Турсунали унинг «садоқати»дан, «виждонан ишлаши»дан мамнун бўлган ҳолда фойдадан тузукроқ улуш ажратди. Чўнтак пулга тўлгач, юриш-туриш ҳам бўлакча бўлди. «Кўрмаганнинг кўргани қурсин», деганлари шу-да!

Турсунали қамалди-ю, «норасмий қайнота» икки жумбоқ қафасида қолди. Биринчи жумбоқ — тилла безакларга оид эди. У Сибирия томонлардан ҳар сафар тилла-жавҳар безак олиб келарди. Турсунали қамалиб, уйи тинтув қилинганда «бойлик чиқмаган» эмиш. «Бойлик топишни билган яширишни ҳам билгандир, аммо қаерга яширган?» Тошболтанинг тинчини олган жумбоқнинг асосийси шу эди. Қизидан бир неча марта сўради, Нафиса «билмайман», деб елка қисиб тураверди. Иккинчи жумбоқ Сибирга қатнашнинг тўхташи ёки тўхтамаслигига боғлиқ эди. Унинг бахтига янги директор бегоналардан бўлмади. Ўзининг қўлидан таом еб юрган, Турсуналининг маишатига шерик бош муҳандис йигит директорнинг курсисига ўтирди. Бир ой мобайнида боғдаги меҳмонхонага қадам босмади. Келган меҳмонларни ҳам идорадан нари кузатаверди. Янги «ҳалол» раҳбарнинг ибратли ишлари ҳақида гап-сўзлар бошлангач, устозининг йўлига пинҳона тарзда ўта қолди. Мева-чевалар пишиши арафасида Тошболтани чақириб, Сибирия сафари ҳақида суриштириб, ишни аввалгидай давом эттириши лозимлигини айтди. Сўнг:
— Нафисахон соғ-саломатмилар? Бу томонларга бир келаман ҳам демайдилар-а? Келсалар бехабар қолмайлик, — деб қўйди.

Бу билан устозининг меросхўри сифатида ўйнашга ҳам эга чиқажагини шипшитган бўлди.

«Оббо хунаса-эй, сенинг ҳам дардинг борми?! — деб ўйлади Тошболта Қашланиб. «Э, бола, менинг қизим фоҳиша эмас, эри бор, уй-жойи бор!» — деб силтамоқчи бўлди-ю, ўзини тийди. «Гапираверади-да, кўз тиккани билан қизим келиб тўшагига ётиб оларми-ди», — деб ўзини овутди.

Эл оғзида «От босган жойни той босади», деган нақл юради. Шунга кўра Турсунали от бўлса, шогирди той мисол эди. Қўполроқ тарзда тавсиф берилса, Турсунали тупиргану у ялаган эди. Устози қамалганида унинг ҳам пайтавасига қурт тушди. Ҳарҳолда устози ошни ўзи ошалагани билан унга ялатиб турарди. Янги директор Яратганга эмас, раҳбарларига шукр қилади: ҳар тугул ошалаганларни олишди-ю, ялаганларга марҳамат дарвозаларини очишди. Улар англашмадики, ялоқхўрларнинг нафси ошалаганлардан ҳам бузуқроқ бўлади. Ошалаган қорни тўйгунича ейди. Ялоқхўр эса кўзи тўйгунича. Кўзнинг ҳеч қачон тўймаслиги эса барчага аён. Хусусан, катталарнинг хизматини қилиб юриб феъл-атворларини билиб олган Тошболтага ҳам маълум бу. Шу сабабли қизи тилга олинганда унинг кўзларини ўйиб олгиси келган бўлса-да, ўз аравасини ўзи тортиб кетишга қурби етмаслигини билгани учун ўзини тийди. «Ялоқхўр» деб янги директордан нафратлангани билан тиржайиб, унга қуллуқ қилиб туришга мажбур эди.

Янги директор ҳам Тошболтани суймас эди. «Белида белбоғи бўлса гулдай қизини хўжайинга ўйнаш қилиб қўярмиди», деб ғижиниб юрарди. Бу ғижиниш покизалик аломати эмас, балки рашк оловининг меваси эди. Турсуналининг қилмиши ҳаромнинг ўзи бўлгани каби бунинг ғашлиги ҳалоллик эмас эди. Баъзан бу гўзалнинг бир кечалик оғуши учун дунёсини беришга рози бўлиб кетарди. Омадини қарангки, дунёсини бермаса ҳам жонон нақд бўлиб қолди. «Бу Ошболта деганлари ҳозирча хизматимни қилиб юраверсин. Вақти келганда бир тепсам энасиникига кириб кетади» — янги директорнинг мўлжали шу эди.

Бир-бирларини ёмон кўрганлари билан уларни нафс деб номланган кўринмас занжир маҳкам боғлаган эди. Нафснинг миқдорини ўлчайдиган тарози бўлганда ҳам қайси бириники бузуқроқ эканини аниқлаб бера олмас эди. Нафсга банди бандалар шу ҳолатларида бир-бирлари билан муроса қила оладилар. Покиза ҳаётни афзал билувчилар эса арзимаган масалалар бўйича гап талашиб, оқибатда иттифоқ қила олмайдилар ва оқибатда нафсга банди бандалар етказган зулмдан азоб чекиб нолий бошлайдилар.

Тошболта ҳам, янги директор ҳам қиморбознинг «гардкам!» дейиши каби таваккал қилган эдилар. Дастлабки иттифоқ икковлари учун ҳам манфаатли эди. Айни чоқда иккови ҳам ажралиш онларига тайёргарлик кўрардилар. Янги директор Тошболтанинг аввалги каби садоқат билан ишлашига ишонмагани сабабли унинг ўрнига «ўз одами»ни тайёрларди. Тошболта ҳам янги хўжайин эскиси каби марҳаматли бўла олмаслигини англаб мустақил иш юритишни, ҳатто бошқа ерга кўчиб кетишни кўзларди. Шу боришида Сибирияда орттирган ошналари билан маслаҳат қилиб айрим ишларни пишитди. Янги директорга топширадиган пулдан кўпроқ уриб қолиб, ноёб моллар харид қилди. Сафардан кўнгли тўлиб, яхши ниятлар билан келиб қизи яшайдиган уй эшигини очди-ю...

Яратган тайёрлаб қўйган мукофотлардан бири — шу эди...

Кўзларига ишонмади. Худди туш кўраётгандай бўлди. Эшикни очиши билан димоҚига сассиқ ҳид урилганида «Эри билан кетган бўлса, овқат-повқати ҳидланибди», деб ўйлади.

Кейин... аввал нотаниш эркакнинг жасадини кўриб бир сесканди. Сўнг қизининг аҳволини кўриб танасидан жон чиқиб кетгандай бўлди. «Қизим! Нафис!» — деб бақирмоқчи эди, овози пичирлаб чиқди. Кўз олди қоронҚилашиб, ҳамма нарса айқаш-уйқаш бўлиб кетди. Ана шу қоронҚулик қаъридан қайнонасининг ҳайқириғи отилиб чиқди: «Сени Худо урсин!!».

Милитсияга хабар қилгач, юкларни ичкари олиб кирди-да, жомадон устига ҳолсизланиб ўтирди. Бошини чангаллаб, тебранди. Йиғлаши керак эди — йиғлай олмади. Йиғи ҳам Оллоҳнинг неъмати экан, раҳм қилганига берар экан бу неъматни. Яратган Тошболтага бу онда йиғисиз руҳ азобини раво кўрди.

Поездда келаётганида юраги ғаш эди. ўашликни ёйиш учун шериклари узатган ароқни қайтармай ичаверди. Икки тун кетма-кет биринчи хотинини тушида кўрди. Хотини озиб кетган, эти устихонига ёпишган ҳолда эмиш. Ҳолсиз эмиш, хаста эмиш. «Мени қарайдиганим йўқ, меҳрибоним йўқ», деб йиғлар эмиш. Кўзларидан оққан ёш муз доналарига айланиб қолармиш. Тошболта «Сени бу ердан олиб кетаман», деб опичиб олганмиш. Хотини эса йиғлаб, ялиниб «йўқ, олиб кетманг, ўзингиз келинг», дер эмиш.

Тошболта эрталаб уйғониб, бу тушидан ажабланди. У туш йўйишни билмас эди. Ҳарҳолда бу туш яхшиликка ишора эмаслигига ақли етди. Кейинги уйқусида хотинини яна кўрди. Хотини жулдур кийимда эмиш. Кейин қайнонаси пайдо бўлди. У қарғади, қарғайверди, хотини эса кулди, кулаверди...

Жомадон устида бошини чангаллаганича тебраниб ўтирган Тошболта шуларни эслади.

Кейин... одамлар келишди.
Кейин... терговчи сўроқ қилди...
Буларнинг ҳаммаси туш каби эди. Гўё ҳозир уйғонадигандай, даҳшатли туш барҳам топадигандай эди.

Текширувчилар текширадиганларини текшириб бўлишгач (Сибириядан келтирган моллари ҳам эътибордан четда қолмади — хатга туширилди), «уйни беркитиб, муҳрлаймиз», дейишди. Қалби муҳрланган банда уйни муҳрламоқчи бўлганларга нима ҳам дея оларди? Бошини хам қилиб уйдан чиқди. Қизининг номуси сотилганда эгилиши лозим бўлган бош ажал тиғи қўзғолгач, биратўла эгилди.

Тошболта уйига анчагина мол-дунё кўтариб келишни режа қилган эди. Бу сафар адоқсиз алам-ғам дунёсини елкасига ортмоқлаб кириб келди. Эрини ғамнок аҳволда кўрган Адолат аввалига ажабланиб қараб турди. Кейин уч-тўрт қадам қўйиб пешвоз чиқди-да. «Саломайкум», деб савол муҳрланган назарини эридан узмай қараб турди. Савол сўралмаган бўлса ҳам Тошболта бу қарашда «Ҳа, нима бўлди, юкларингиз қани?» деган маънони уқиб ғижинди-да, ичида «Ҳе, саломинг бошингни есин!» — деб қўйди.

...Тошболта қамоқдан чиқиб қишлоғида узоқ яшай олмаган эди. Худди биров атайин уюштираётгандай қайнотасига, қайноғаси, қайниларига дуч келаверди. Улар, айниқса қайнонаси, тилда гапирмасалар ҳам кўз қарашлари билан қарғардилар. Тракторчиликка бирга ўқиган ошнаси чўлдаги янги совхозда бригада бошлиғи экан, онасининг зиёратига келганда Тошболтани учратиб, ишга таклиф қилди. Тасодифни қарангки, ўша йили Адолат ҳам «қалб даъвати» ва комсомол йўлланмаси билан «чўл қувгани» келган экан. Унинг шаҳардаги қилиқларидан бехабар Тошболта жилмайиб қўйишларига хуштор бўлиб, «ўқитувчи халқи яхши бўлади», деган фикрда одам қўйди. Адолат «қамалиб чиққан тракторчига тегаманми», деб нозланиб ўтирмади. Зеро, бу ерга келишдан мақсади чўл қувиш эмас, бирон лақмани топиб эр қилиб олиш эди. Унга номи учун эр бўлса бас эди. Шунга биноан унинг мақсади шоирларнинг тили билан айтилувчи «чўлқуварлик» эмас, балки «ерқуварлик» эди. Тошболта уйлангач, «хотинимнинг исми ўзига мос экан», деб қизини олиб келди. Дастлаб турмушидан рози эди. Адолат кўп жиҳатлари билан биринчи хотинидан аълороқ туюлди. Кейин-кейин асал ойлари тугаб, заҳар кунлари бошлангач, «Агар Адолат дегани шу бўлса, адолатига минг лаънат!» деб пешонасига шапати урди. «Қўшнинг ёмон бўлса, кўчиб қутуласан, хотининг ёмон бўлса қўйиб қутуласан», дейишади. Тошболта бу мақолни биринчи ким тўқиганини билмайди. Билганида эди, ўша айтган одам ҳаёт бўлганида эди, унга тик боқиб: «Бекор айтибсан! — дерди. — Гапимга ишонмасанг, ана, Адолат деган шайтоннинг урғочисига уйланиб кўр-чи, қўйиб қутула олармикансан!»

Ёмон хотун шаётун қамчисидур,
Қўлунг боғлагувчи арғамчисидур.
Ўшал хотунки номаҳрам назардур,
Агар у шамсу қамардур мочахардур.
Агар чандики бузрукзодадур ул,
Яқин бил, тўрт оёқлик модадир ул...
Айни чилла пайтида бригадаларига бир мухбир келиб, қамиш чайлада ошхўрлик қилиб, «юзта-юзта отиб» ўтиришганда ёмон хотиндан гап чиқди-ю, меҳмон шу сатрларни ўқиб берди. Айрим сўзларига яхши тушунмаса ҳам шеър Тошболтага маъқул келиб, уч марта қайта ўқиттирди. Мухбир йигит «хотин ойдек бўлса ҳам, қуёшдек бўлса ҳам, агар у ёмон бўлса урғочи эшшакнинг ўзидур», деб изоҳ бергач, тўлқинланиб, кўзлари ёшланиб «акам бўласиз!» деб чўлпиллатиб ўпиб кетди. Сўнг сатрларни бир парча қоғозга ёздириб ҳам олди. Кайфи тарқагач, шеърни ҳам, сатрлар ёзилган қоғозни ҳам унутди. Кўйлаги ювиладиган бўлганда Адолатнинг қўлига тушиб, у лабини бурди. Шеърни ўша мухбир ёзган деб ўйлаб, эрига дашном берди-да: «ўшанингиз бекорларнинг бештасини айтибди, шайтон урғочи бўлмайди, эркак бўлади, шеър ҳам «ёмон хотун эмас, ёмон эркак дейилган», деб донолик қилди. Унинг ишонч билан айтган гапларини тинглаган киши «шайтонни шу туққанга ўхшайди, шайтоннинг эркаклигини аниқ биляпти-ку» дейиши мумкин.

Эр-хотин орасида биринчи жанжал чиққанида Адолатнинг ўзи унга «овора бўлманг, мени қўя олмайсиз. Мендан фақат ўлибгина қутуласиз», деб дангал айтган эди. Тошболта нима қилсин, тақдирга тан бериб яшайверди. Фақат ичиб олган кезлари дўстига ҳасрат қилиб «е, ошнам, сен менинг дардимни билмайсан, пешонамнинг шўрини ўлчаш учун трактор тортадиган тарозининг ҳам кучи етмайди», деб нолирди. Адолат эса меҳрибонлик қилиб унга яна учта қиз туғиб берди. Қизлари туғилгунича бир нави эди. Ана ундан кейин Нафисанинг ҳам қора кунлари бошланди. Ўгай она қандай бўлмоғини билмоқ истаганлар Нафисадан сўрасалар эди, у айтиб берарди. Ўгай оналарнинг зулми ҳақида ҳикоялар кўп. Адолат улардан ўтса ўтардики, кам эмас эди. Нафисани Турсуналига рўпара қилиш фикри дастлаб айнан шу хотиндан чиққани инобатга олинса, макр бобида тенгсиз эканини англамоқ мумкин.

.. Тошболта ўликхонага олиб кетилган қизининг мурдасини қачон олиши мумкинлигини сўрашни ҳам унутиб, қишлоғи сари йўл олганида Адолатнинг ўша фикрини эслади. Эслади-ю, бўғилди. Шунда ҳам «Аҳмоқ хотиннинг гапига кирган — мен аҳмоқ!» демади. Унинг ақлсиз ақлига бундай гапнинг келиши мумкин ҳам эмасди. Бунинг ўрнига «Нафисани директорга қўшингу кейин Турсуналини соғин сигирдай соғиб юраверинг», деган тилларини узиб олгиси келди. Қандай қилиб қўшишни ўргатган бу хотинни ўша пайтда ўлдирмаганига ачинди. «Ўлдирганимда мени ҳам отишарди, бу азобларга дуч бўлмас эдим...».

Тошболта қизининг шу йўл билан бахтли бўлишига ишонган эди. Дастлаб бахт қуёши чарақлаган ҳам эди. Бу нурдан унинг хонадони баҳраманд эди. Уйларига гиламлар... рангли телевизорлар кирган эди. Сибирияга қатнай бошлагач, у эртакдаги балиқчи чолга, Адолат эса кампирга айланди-қолди: тешик тоғорага қаноат қилмади, саройга ҳам... Уйлари директорникидан кам эмасди... Навбат «Жигули»га етганда...

Бахт қуёши бирдан сўнди. Бахт қуёши деб ўйлаб юрганлари алдамчи кўриниш экан. Бу қуёш деб ўйлаганлари нур эмас, қон сачратаётган экан.

Тошболтанинг назарида буларнинг барчасига Адолат айбдор эди. Уйига кела келгунича бу фикр қатъий қарор қувватини олди. Шу боис ҳам саломга алик олмай «саломинг бошингни есин», деб қўйган эди.

Тошболта айвонга тўшалган кўрпачага омонат ўтирди. У аслида уйга кирмай қишлоқдаги ошналариникига бориб, бошига тушган кулфатдан огоҳ қилмоқчи, «қаерга кўмганимиз маъқул, шу ергами ё қишлоққами? Тоғаларига хабар берайинми ё йўқми?» деб маслаҳатлашмоқчи эди. Кейин фикрини ўзгартириб, хотинга хабар бериб қўяй, деб йўлни уйга бурганди. Кўрпачага ўтиргач, бир хўплам чой умидида хотинига қаради. Хотин эса унинг рўпарасига ўтириб олди. Тошболта чой сўрашни ҳам, кулфат хабарини айтишни ҳам билмай гаранг, Адолат эса эрининг аҳволига тушунмай ҳайрон эди. Хотин кишининг сабр косаси эркакникига нисбатан саёзроқ бўлади. Шу боис ҳам биринчи бўлиб Адолат тилга кирди.
— Ҳа, мунча, мен еб сиз қуруқ қолгандай тумтайяпсиз? Нима бўлди, ёрила қолинг!

Тошболта учун бу гаплар янгилик эмасди. Авваллари эшитганида «е, ўчир!» — деб қўя қоларди. Ҳозиргиси гўё ўқ бўлди-ю, азоб исканжасидаги юрагига қадалди.
— Унингни ўчир, қанжиқ! — деб бақириб юборганини ўзи ҳам билмай қолди.

Кучли, айни дамда аламли ҳайқириқ билан отилиб чиққан бу ҳақорат Адолатнинг ҳушини олди. Унча-бунчага гап бермайдиган, бўйин эгмайдиган бу хотин чиндан ҳам «унини ўчиргани» маъқулроқ эканини англаб, чаққон ўрнидан турди-да, ошхонага қараб юрди. Бир оздан сўнг чойнак-пиёлани кўтариб келиб, эрига чой куйиб узатди:
— Дадаси ичинг, ҳовурингиз босилади.

Илиқ лафз билан айтилган бу гап ҳам Тошболтага малол келди.
— Ҳовурим босилсинми? Ҳовурим босилишини истаб қолдингми?! Ҳе, энангди... Ҳе, сени менга рўпара қилганди... — деб туриб туйқусдан пиёлани отди. Адолат чаққонлик қилиб бошини эгиб қолмаганида пиёла нақ пешонасига тегарди. Эрининг феълини яхши билган Адолат Ғазаб ўтининг аланга олишига йўл қўймаслик мақсадида чаққон ўрнидан турди. Бундай ҳолатда кўп аёллар қочишга, беркинишга ҳаракат қилишади. Адолат эса ўзини танк остига ташлайдиган жасур аскар каби эрига яқин келиб, елкасидан қучиб олди.
— Вой, дадаси сизга нима бўлди? Сизни қайси уйинг куйгур хафа қилди? — деб овута бошлади.

Адолатнинг макри амал қилиб Тошболта пича ҳовуридан тушди. Бўғзига йиғи келиб, кўзлари пирпиради.
— Айтинг, айта қолинг, енгил тортасиз, нима бўлди?
— Нафис... Нафисни ўлдириб кетишибди... — Шундай деб йиғлаши лозим эди, аммо бўғзига қадар келган йиғи зоҳирга чиқа олмади.
— Ўлдирибди? Қайси уйинг куйгур ўлдирибди? Нима қасди бор экан?

Тошболта «билмайман», деб бош чайқади.

Адолат бир зум жим қолди. Кейин паст овозда:
— Бир кунмас бир кун шундай бўлишини билардим, — деди.
— Нимани билардинг? — деди Тошболта сергак тортиб.
— Жаҳлингиз чиқмасину, ғар бўл, ўғри бўл, инсоф билан бўл, дейишади.
— Нима?! — Хотинининг бу гапини эшитиб, Тошболтанинг кўзлари косасидан чиқар даражада олай-ди: — Нима дединг, қанжиқ?! Ҳали менинг қизим сенга ғар бўлдими?!

Тошболта шундай деб хотинини тирсаги билан туртиб юборди. Адолат кутилмаган зарбдан йиқилди. Астойдил дўппослашга ҳезланиб ўрнидан тураётган эрининг важоҳатини кўриб, кураш қуролини ўзгартириши лозимлигини англади. Ҳарбийларда «енг маъқул мудофаа усули — ҳужумдир», деган ҳақиқат бор. Адолат ҳарбий эмас, бу қоидани билмайди. Аммо халқда мавжуд «қўрққан олдин мушт кўтарар», деган мақолдан хабардор бўлгани сабабли эридан аввалроқ ўрнидан туриб, унга чекчайди:
— Ҳа, ғар бўлмай гўрмиди? ғарлигини билмасмидинг?!

Аввалги жанжалларда Адолат бақириб, сенсирай бошлаганида Тошболта «Сен ит билан тенг келаманми», — деб чекиниб қўя қоларди. Адолат бу сафар ҳам шундай бўлишига умид қилиб янглишди: бу шунчаки «ер-хотиннинг уруши — дока рўмолнинг қуриши» эмас, ўртада фожиали ўлим топган фарзанднинг руҳи бор эди. Тошболта унинг сенсирашига ҳам, бақиришига ҳам парво қилмай Адолатни уриб қолди. Адолат «Вой-дод!» деганича ҳовлига қочди. Тошболта уни қувламоқчи бўлганида оёғи зинада тойиб кетди-ю, ёнбошига гурсиллаб йиқилди. Чаккаси айвон устунига урилди.

Адолат бу ҳолатни кўриб, аввалига «Ажаб бўлсин, баттаргина бўл-а!» — деб ўйлади. Сўнг эрининг қимирламай қолганини кўриб «вой ўлайин, вой дадаси!» — деб югурганича яқинлашди. Тошболта ҳадеганда хушига келавермагач «Вой-дод, эрим ўлиб қолди! Вой-дод, шунқоримдан айрилиб қолдим!» деб фарёд кўтарди. Унинг овозини эшитган қўшнилар чиқиб, Тошболтани кўтариб айвонга ётқизишди, врач чақиришди. Врач «Шу ерда қимирламай ётсинлар, қимирлатсанглар узилишлари мумкин», деди.
— Тузалиб кетадиларми, ахир? — деб сўради Адолат.
— Умид қилаверинг.

Адолат бу жавобни эшитиб «Дўхтур бўлмай ўла-а, тузатиш қўлингдан келмаса, нимага умид қиламан»,— деб минғирлади.

Эртасига Тошболтанинг хасталигидан хабар топган ошналари келишди. Енгил хуррак отиб, ҳаракатсиз ётган дўстларига ачиниб қараб ўтиришди. «Йўлда уриниб қолгандир?» — деб хулоса чиқаришди. Шунда Адолат:
— Йўл ҳам бир гўр, қизларини ўлдириб кетишибди. Шундан куйиб кетдилар, — деди.

Ошналар бу кутилмаган фожеа хабаридан ажабланиб: «Қачон? Қаерда?» деб сўрашди. Адолат «айтишга ҳам улгурмай шунақа бўлиб қолдилар», — деб безрайиб ўтираверди. «Дафн этишибдими?» деган савол ҳам жавобсиз қолди. Шунда улар «Дафн этадағон бўлса ўша ердан телпон қилиб хабар берарди, уч кун ўтирарди», деган тўхтамга келишди.

Бир оз жимликдан сўнг ошналардан бири:
— Унда бориб майитни олиб келиш керак, дафн этиш керак, — деган таклифни айтди.

Айвоннинг бир четида ўтирган Адолатга бу таклиф маъқул келмади.
— Кўмадиган эри бор-ку? — деб танбеҳ берди.

Ошналар бу хотин олдида маслаҳатлашиш ортиқчалигини билиб, ўринларидан туришди. Бу хонадондан чиқиб тўғри самоворхонага бордилар-да, маслаҳатларини давом эттирдилар. Орадан бир соат ўтмай уч киши шаҳарга йўл олди. Бир киши Тошболтанинг қишлоғига, Нафисанинг тоғаларига хабар бериш учун жўнади.

Майитни олиб кетамиз, деб келган уч киши кун бўйи овораи-сарсон бўлдилар. Маслаҳатни хом-хатала пишириб йўлга чиқаверганларидан афсусландилар. Марҳуманинг уйини билишмаса, насабини билишмаса, эрининг кимлигини билишмаса бу катта шаҳарда улар сарсон бўлмай яна ким бўлсин? Улар йўлга чиқишганда «ўликхонага борамизу» оғайнимиз Тошболта касал бўлиб қолди, қизининг жасадини беринглар», деймизу жасадни мошинга юклаб шомгача етиб келамиз, бомдодга чиқарамиз», деб мўлжал қилишган эди. Автобусдан тушишгач, бир таксини кира қилишиб, «бизларни ўликхонага бошлаб боринг, ука», дейишди.
— Қайси бирига? — деди таксичи.
— Ие, ўликхона кўпми бағда? — деб ажабланишди ошналар.
— Катта касалхоналарнинг ҳар бирида бор-да, — деди таксичи.
— Унда энг каттасига бошланг, — дейишди ошналар.

Касалхонада «қачон ўлган, фамилияси нима?» деган саволга елка қисиш билан жавоб беришди. Иккинчи жойга боришганида ҳам шу саволга дуч келишиб «егасиз мурдалар бўлса, кўрсатинг», дейишди. Кўришди ҳам. Учинчи ерга боришганида «қачонлигини билмаймиз-у, аммо бир-икки кун ичида ўлдириб кетишган шекилли», — дейишди. Ана шунда масала сал ойдинлашиб «касалхоналардан ахтарманглар, ўлдирилгани аниқ бўлса бошқа ерга боринглар», деб қаерга бориш лозимлигини тушунтиришди. У ерда ҳам «фамилияси?» деган саволни эшитиб хуноб бўлишди.
— Хой, ука, тушуняпсизми, жувонни ўлдириб кетишган, — дейишди.
— Акахонлар, йилда битта жувонни ўлдириб кетишган бўлса, гапларингга тушунардим. Ўнтами-ўн бештами эгасиз ўлик ётибди...

Ошналардан бири таранг қилаётган йигитнинг чўнтагига пул қистиргач, ичкари кириб Нафисани таниди.
— Шу жувон, ўраб беринг, ука, олиб кетайлик,— деди.
— Сизлар кими бўласиз, рухсат олдиларингизми? — деган саволга жавоб бўлмагач, пул ҳам ёрдам бермади. Учовлари шомга яқин изларига қайтишди. Эртасига етиб келган Нафисанинг тоғаси билан яна шаҳарга тушиб, майитни олдилар. Нафисанинг тоғаси жаноза қишлоғида бўлажагини айтгач, ноилож унга эргашдилар.

Дафн маросимида куйиб йиғлагувчи бўлмади.

Фақат ачиндилар:

«Ёш кетди, бечора...»

Отага фарзандининг қабрига бир сиқим тупроқ ташлаш насиб этмади. Худо ҳаттоки шуни ҳам кўп кўрди унга...

Омонулло бу гаплардан бехабар бўлгани учун майитнинг кечикиб олиб кетилишидан ажабланган эди. Ўликхонадагилар билан гаплашиб дастлаб уч нотаниш одамнинг, сўнг эртасига марҳуманинг тоғаси келганини билгач, Тошболтанинг қишлоғига бориш эҳтиёжи туғилди. Унинг назарида бу ҳолатда ҳам қандайдир сир яширин эди.

Омонуллони депара ички ишлар бўлимининг вакили Тошболта яшайдиган қишлоққа бошлади. Вакил ҳеч бир лутфсиз, манзиратсиз эшикни очиб, ҳовлига кириб борди. Омонулло эса унга эргашди. Тошболта айвонда, бир неча кун аввал қўшнилар ётқизиб қўйган жойдан жилдирилмаган эди. Беморнинг бош томонида ўтирган оқ дўппили қария қуръондан оятлар ўқиб вақти-вақти билан дам солиб қўярди. Кир чаяётган Адолат ҳовлига бостириб кирган нотаниш эркакларни кўриб, қўлларини пешбандига артганича ўрнидан турди-да, уларга рўбарў бўлди.
— Биз милитсияданмиз, — деди вакил, сўнг эътиборсизлик билан қўшиб қўйди: — сиз ишингизни қилаверинг. Домла ўқиб бўлгунича кута турамиз.
— Ўқимай ўла қолсин, бу домла, бир фойдаси бўлса экан, — деди Адолат минғирлаб.

Бу гаплар минғирлаб айтилган бўлса-да, Омонулло эшитиб ажабланди. «Бу хотиннинг эси жойидами ўзи?» деб ўйлаб, айвонга яқинлашди. Оқ дўппили қария унга бир қараб олди-ю, ўқишини, дам солишини давом эттирди. Тошболтанинг очиқ кўзлари шифтга қадалган, фақат дам солинган пайтда беҳаловат тарзда, ниманидир излагандай аланг-жаланг бўлиб кетарди. Қария фақат ўзи эшитадиган тарзда пичирлаб дуо ўқиди-да, беморнинг елкалари, бошини уқалагач ўрнидан турди. Омонулло билан ҳилмлик ила сўрашди. Шунда Омонулло қария юзида ажиб покизалик, ажиб нурни илғади.

Адолат айвонга яқинлашиб, шолчанинг бир четини кўтарди-да, пул олиб «манг, ота», деб узатди.
— Ҳожати йўқ, синглим, — деди оқ дўппили қария.— Мен Оллоҳнинг розилиги учун холис хизмат қилдим. Яратгандан шифо тиланг, аммо сергак туринг. Умид — ёлғиз Оллоҳдан, — қария шундай деб бир-икки қадам босди-да, тўхтаб, орқасига қаради: — Ҳа, дарвоқе, синглим, Худо хайрингизни берсин. Зинҳор ба зинҳор «ўқимай ўла қолсин, бу домла», деманг. Гуноҳлардан ўзингизни асранг. Ажрни бергувчи ёлғиз Оллоҳдир.

Адолат бу танбеҳдан уялиб, қизариб ўтирмади, «шуни ҳам эшитибдими-я?» деб қўя қолди. Омонулло эса «минғирлаб айтилган бу гап қандай маълум бўлди?» деб ажабланди.

Оқ дўппили қария чиқиб кетгач, Омонулло айвонга кўтарилиб бемор ёнига ўтирди-да, салом берди. Аҳволни кўриб турган бўлса-да, кўнгил учун:
— Саломатлигингиз яхшими энди? — деб сўради.

Тошболта уни кўриб, таниди, кўзлари бежо бўлди.
— Гапиролмайди, тил кетган. Оёқ-қўл ҳам кетган. Тирик ўликнинг ўзгинаси, — деди Адолат.

Бу қўполлик Омонуллога малол келди.
— Кечирасиз опа, сиз бу кишига ким бўласиз? — деди дағалроқ оҳангда.
— Хотиниман, — деди Адолат айвон четига омонат ўтириб. Кейин изоҳ берди: — Иккинчи хотиниман. Ўзингиз кимсиз?
— Мен шаҳар милитсиясиданман. Нафиса Болтаеванинг иши билан шуғулланяпман, — Омонулло шудай деб гувоҳномасини узатди. Адолат гувоҳномани олиб, қизиқиш билан тикилди.
— Ўзи нима бўлган? Қиз ўлгурни нимага ўлдиришибди? — деди у гувоҳномани эгасига узатар экан.
— Эрингиз айтмадиларми?
— Айтолмади. Шу зинадан йиқилди-ю, шунақа адо бўлди. Ўлиб ўлмайди, жонланиб жонланмайди. Бошимга битган бир бало бўлди. Тракторчилигида яғирларини ювавериб қўлим қаварган эди, энди исқиртларини ювиш ҳам пешонамга ёзилган экан. Пешонам шўр бўлмаса шунга тегармидим. Шу савилга тегиб мен бир рўшнолик кўрмадим. Ётишини қаранг. Бу ёқда учта қизи етилиб турибди. Ҳали биттасининг ҳам орзу-ҳавасини кўрганим йўқ. Айтинг, айтинг, ўлиб қолмасин, ўлса бутун йиққан-терганларим соврулади. Ҳали ҳам дорилари ҳамённи ўпириб кетяпти. Арзонроқ дорилар бўлса ҳам гўрга эди. Дўхтур ўлгур нуқул қимматини танлаб ёзиб берибди.

Омонулло хотинларнинг турли тоифасини кўрган, аммо бунақасини энди учратиши эди. «Қани, гапираверсинчи», — деб бир оз қўйиб берди. Лекин узоқ тоқат қила олмади. Адолат «шу айтаётганларим буларга керакми?» — деб фикр қилмай, тилига келганини қайтармай гапираверарди. Телба деса телбага ўхшамасди, соғ деса соғга. ғаши кела бошлаган Омонулло унинг гапини қоқ белида шарт бўлди:
— Эрингиз тракторчимидилар?
— Тракторчи бўлмай гўр бўлармиди? Бошқа ҳунари йўқ.
— Иркутскга нима учун борган эдилар? Трактор олиб келгани эмасми?
— Тракторга бало борми? Озгина мева-чева олиб кетувди.
— Тез-тез бориб турармидилар?

Адолатнинг аҳмоқ ҳам, телба ҳам эмаслиги шу саволдан кейин аниқ билинди. У милитсия ходими бекорга савол бермаслигини англаб, тилини жиловлади. Бир оз ўйлаган бўлиб:
— Бу йил биринчи бориши, — деди.
— Ўтган йилларичи?
— Ўтган йили ҳам бир марта борган.
— Шериклари бормиди?
— Билмайман.
— Болтаеванинг уйида анча мол бор экан. «Шерикларимники» дедилар. Иркутскдан олинган тоза моллар экан.

Адолат эрига Ғазабли нигоҳини бир қадаб олди-ю, индамади.
— Бу молларни биз эгаларига қайтаришимиз керак. Эгаси чиқмаса давлат ҳисобига ўтади.

Омонулло мўлжални ниҳоятда аниқ олган эди. Адолат молдан айрилиши мумкинлигини ҳис қилиб бир сесканди-да, Омонуллога ёмон қараш қилди:
— Давлатга ўтади? Нимага ўтаркан? Эгаларига қайтараман, дейсизми, ким экан эгаси?
— Шериклари-да. Эрингизнинг ўзлари менга шундай деганлар.
— Бекор айтибди. Ҳеч қанақа шерик-периги йўқ. Мол ҳаппи ҳалол бизники.
— Иркутскка қачон кетиб, қачон келдилар?
— Кетганига анча бўлди, бир ойдан ошди. Келиши... шу, аввалги куни. Келдию шу балога йўлиқа қолди.
— Бизга маълум бўлишича, бир ҳафта олдин келганлар?

Омонулло «отаси ўлдирган бўлиши мумкин», деган гумондан узоқлашган бўлса-да, яна бир қармоқ ташлаб кўрмоқда эди.
— Бир ҳафта олдин келган эканми? Қайси гўрларда юрган экан?
— Бу ерга келмадиларми?
— Келса бир қадам силжитмас эдим.
— Нега?
— Уй-жойга ҳам қараш керакми? Эркак ўлгур қарамаса, ким қарайди? Мен хотин бошим билан югурайми?
— Сиз «иккинчи хотиниман» дедингиз, биринчиси қаерда?
— Гўрда.

Омонулло буни тўғри маънода айтяптими ё пичинг қиляптими, фаҳмига етолмай, савол назари билан қаради.
— Ҳа, нимага қарайсиз? Гўрда дедим-ку? Ўлган-да.
— Қачон?
— Билмайман. Қамоқдан чиқиб келганидан кейин текканман мен бу ер юткурга. Аниқ билмайман-у, аммо хотинини уриб ўлдирган экан. Шунақа жиннилиги бор, менга ҳам ташланиб қоларди.
— Уриб ўлдирган? Қамалиш сабаби бошқача-ку?
— Бошқа бўлса бошқадир, мен эшитганимни айтдим.
— Болтаева бу ерга тез-тез келиб турармиди?
— Келарди, лекин тез келармиди йўқми, ҳисобламаганман.

Омонулло портфелидан Санжар Иброҳимовнинг суратини олиб кўрсатди:
— Шу одам билан келганми ҳеч?

Адолат суратга тикилиб туриб, бош чайқади:
— Танимадим. Тўғрисини айтайми, бир-икки марта сариқ-мошак эри билан келган эди. Кейин ўзи келиб-кетиб юрувди. Ўша савил қолгур эр билан бирга юришга уялган-да. У одамни кўргандирсиз? Қандай қилиб кўнгли тортиб эр қилди, ҳайронман. Ундан кўра, эрсиз ўтгани минг марта яхши. Шунақа дейман-у, лекигин бу «шилта»ни ўша тавиядан бошқаси олмас ҳам эди-да.

Адолат шу гапни айтганидан кейин Тошболта ғалати овоз чиқариб ингради. Омонулло овоз чиқиши билан унга қаради. Тошболта киприкларини пирпиратиб, илтижо билан боқарди. Сўнг кўзларида ёш пайдо бўлди. «Хотинининг гапи ёқмай бир нима демоқчи бўляпти», — деб ўйлади Омонулло. Кейин тинмай жавраётган хотиннинг гапини бўлиб, сўради:
— «Шилта» дейишга бирор асосингиз борми?
— Вой, асосми? Асос тиқилиб ётибди. Бу қиз ўлгурнинг олдинги директорга ўйнаш бўлганини етти ёшдан етмиш ёшгача — ҳамма билади. Энди янги директорнинг тўшагини обод қилятувди.

Бу гапдан кейин ҳам Тошболта ингради.
— Нимага ғингшийсиз? — деди Адолат овозини баландлатиб. — Боққа бориб келганларинг ёлғонми? ҳар бўл, ўғри бўл, инсоф билан бўл-да! Бошингда эринг бўлганидан кейин ўтирмайсанми уйингда...

Адолатнинг оғзидан чиққан кейинги гапларни Омонулло бозор йўлида «фолингдан очайинми, молингдан очайинми», деб ўтиргувчи лўли хотинлардан эшитиб, булардан бошқа тузукроқ гап чиқмаслигини билгани учун ҳам аччиқланмаган эди. Аммо эри бу аҳволда ётган аёлдан шу гапни эшитиб ғазаби қўзғади.
— Сиз бирон ерда ишлайсизми? — деб сўради дағаллик билан.
—Ишламай нима, шунга боқиманда бўлиб ўтираманми? Мактабда ишлайман.
— Ким бўлиб, фаррошми?
— Вей, нима деяпсиз? Мен ўқитувчиман. Олий маълумотли ўқитувчиман!
— Ўқитувчи?.. Мактабнинг ҳам, болаларнинг ҳам шўри қуриган экан унда, — Омонулло шундай деб ўрнидан турди.
— Вой, вой, оғзингизга қараб гапиринг, нима деяпсиз?
— Оғзингиздан чиқаётган гапларни қаранг.
— Гапларимга нима бўпти? Вей, сен кимсан ўзинг, менга танбеҳ берадиган? Сен бориб ўзингнинг хотинингга қил дағдағангни, билдингми? Сен йигирма йил шунақа тракторчи билан яшачи, кўраман аҳволингни!
— Ҳов опа, тилингизни тийинг, бунақа дейишга ҳаққингиз йўқ, — деди шу пайтгача жим турган депара вакили.
— Ўзинг тий тилингни. Қани, бир жўнаб қолларинг-чи, ҳув, қораларинг ўчсин-а...

Омонулло ўзини хотиннинг шаллақилигига эътибор бермагандай тутиб, кўча эшик томон юрди. Ҳовли ўртасига етганда тўхтаб, вакилга топшириқ берди:
— Лейтенант, бу опангизни раёнга чақириб сўроқ қиласиз. Натижасини ёзма равишда етказасиз.

Вакил бу топшириқни пўписа учун берилганини англаб, баланд овозда:
— Хўп бўлади, ўртоқ капитан! — деб қўйди.

Бу пўписадан кейин сал попуги пасаяр деб ўйлашган эди, йўқ, акси бўлиб чиқди:
— Раёнингга десанг, раёнингга бораман. Керак бўлса Масковингга бораман. Мени қўрқитмай қўяқол. Сен ўғрини қўрқит, бандитни қўрқит. Менинг нимамни сўроқ қиласан? Ўғрилик қилибманми, ғарлик қилибманми?

Омонулло бу хотинга ҳатто шайтон ҳам бас келолмаслигини англаб, қадамини тезлатган эди, кутилмаганда Адолат:
— Тўхтанг, ҳай тўхтанг, — деб қолди.

Ҳозиргина сенсираб, қарғаш даражасига етган аёлнинг сизсираши, овозининг мулойимлашуви ғалати эди. Шунинг учун ҳам вакил беихтиёр:
— Ҳа, опа, тинчликми? — деб юборди.
— Сенда гапим йўқ, сен кетавер, — деди Адолат унга, кейин Омонуллога яқинлашиб сўради: — Мен молларни олгани қачон борай?
— Қайси молларни? — деди Омонулло худди тушунмагандай.
— Вой, қайси деганингиз нимаси? Эрим олиб келган моллар-чи!
— Моллар сизга берилмайди, эгасига берилади.
— Эгасини кўриб турибсиз-ку?
— Яхшилаб қаранг, тузатинг. Тузалганларида бориб оладилар.
— Вой, савил, вой савил...

Адолат шундай деб қолаверди.

Кўчага чиқиб машинага ўтиришгач, Омонулло «уф» тортди:
— Агар шу одам ўлса, тўғри жаннатга боради. Бу одам билан савол-жавоб бўлмайди, — деди, у.
— Нега? — деб сўради вакил кулимсираб.

Омонулло бу хотиннинг шаллақилигидан безиб Фотима ўқиб берган сатрларни эслаган эди. Мирзо Бобур Ҳусайн Бойқаронинг катта хотини Бека Султонбегимни ёза туриб, «кўп кажҳулқ эди», деб «яхши кишининг хонасидаги ёмон хотун шу дунёнинг ўзидаёқ унинг дўзахидир», деган мазмундаги байтни ёзган экан. Ҳозир шу байт мазмуни ёдига келиб айтворди шу гапни. Вакилнинг «нега?» деган саволига эса Бобурдан мисол келтиришни истамай, соддагина қилиб: «Бу хотин билан яшаган эркак дўзах муддатини ўтаб бўлган ҳисобланади», деб қўяқолди.

Улар бу уйдан чиқиб тўғри совхоз идорасига бордилар. Янги директор «Нафиса Болтаева нима учун келган эди?» деган саволга «Мен раҳбар бўлганимдан бери уни кўрганим йўқ. Турсунали акамга келиб турарди», деб жавоб берди. Омонулло гапни ҳар қанча чалғитса ҳам «келмаган, кўрмаганман», деб туриб олди.

Омонулло хайрлашар маҳалида «яна келамиз, учрашамиз», деганида ҳам у «яна келсангиз ҳам гапим шу: кўрмадим», — деди.

Янги директор алдамади: Нафиса келганида у шаҳарда эди. Жувоннинг келиб-кетганини боғ қоровулидан эшитиб, «еҳ аттанг!» деб афсусланганди. Омонуллонинг саволларидан кейин «яхши ҳамки у фалокат келганида йўқ эканман», деб шукр қилди.

Луқма (қотилликдан аввалроқ содир бўлган воқеа)

Турсунали бойлигини қаерга яширганини аниқ айтган бўлса ҳам Тенгиз шошилмади. Қиш ўтиб баҳор келса-да, хазина ҳақида гап очмасдан юраверди. Бу орада Турсуналининг яраси тузалди. Лагер ҳузуридаги ҳибсхонада ётиб, терговчи сўроқларига жавоб берди. Турсуналининг бахтига терговчи уни урмади, қийнамади-ю, охир-оқибат «ўзини ҳимоя қилаётганида меёрни ошириб юборгани учун» яна қўшиб беришди. Лагер ҳибсхонасидан чиққанида Тенгиз уни йўқлаб, далда берди:
— Умрим қамоқда чирир экан, деб афсусланма. Агар айтганинг рост чиқса, сени юртингдаги лагерга жўнаттираман. Муддатинг ярмидан ўтиши билан эркинликка чиқасан. Менинг гапим — гап!

Турсунали бу гапларга бир ишониб, бир ишонмай юрди. Ишонмагани — муддати яримлагунича ким бору ким йўқ. Айниқса, бу ўғрилар оламида бугун бор одамнинг эртага изсиз кетиши ҳеч гап эмас. Бу Тенгиз деганлари ҳам керилиб юргани билан зўрроғига дуч келса, инига кириб кетиши аниқ. Тенгизнинг гапига ишонганининг сабаби эса, ундан бўлак ҳеч ким далда бермади. Ваъда ёлғон бўлган тақдирда ҳам ҳарҳолда далда эди. «Ўғрилан бир сўзли», деб эшитган. Унинг умиди шундан эди.

Баҳор ёмғири эзиб ёғаётган кунларнинг бирида Турсунали Тенгизга дуч келиб:
— Топдиларингми, алдамабманми? — деб сўради. Бу билан «Ваъдангни қачон бажарасан?» демоқчи эди. Тенгиз унинг мақсадини англаб, юзига енгил шапати уриб қўйди:
— Шошилма, ҳар ишнинг вақти-соати бор.
— Топдингларми ўзи? — деди Турсунали, Тенгизнинг жавобидан қониқмай.
— Шошилма, деяпман-ку. Чўмичга айтган жойингга боришибди. У ерда чиндан ҳам йўқ экан.
— Болаларимга тегишмабдими?
— Ҳа, ана, ақлинг жойида экан-ку! Болаларингни энди эсладингми? Чўмичга ёлғонни айтаётганингда ўйламовмидинг? Боришса, топишолмаса, болаларимни қийнашса... Хотинингни, қизларнингни зўрлашлари ҳам мумкин эди, а? Сен биздан қарздорсан. Бизникилар бўлишмаганда қизларинг жувон ҳолида эрга тегарди. Номуссизлик сизларда ҳам азоб, а? Мен оилангни ҳимоя қиламан, деб ваъда берганманми, демак шундай бўлади! — Тенгиз шундай деб унинг юзига яна енгил шапати урди-да, йўлида давом этди.

Тенгизнинг «номуссизлик — сизларда азоб, а?» деб қўйиши Турсуналини ташвишга солди. «Хотинингни, қизларингни зўрлашлари мумкин эди», дегани эса баданини музлатиб юборди. Шу пайтгача «норасида қизларимни биров зўрлаши мумкин», деган гап хаёлига келмаган эди. Тенгизнинг гапидан сўнг эса, шу даҳшат содир бўлгандек, бир неча кунгача эзилиб юрди. Даврони келган пайтларда, айшини сурган кезларида «шулар ҳам бировнинг қизи-ку?» деб ўйламаган эди. Ҳатто Нафисанинг номусига эга чиққанида ҳам «бунинг тақдири нима бўлади?» деб фикр қилмаган эди. Алҳол, Тенгизнинг гапларидан кейин ҳам буларни ўйламади. У фақат ўз қизларининг тақдиридан ташвишда эди.

Тенгиз унинг юзига енгил шапати уриб, ўзини хотиржам кўрсатгани билан ташвиши ўзига етарли эди. У ким билан ўйнашаётганини биларди. Агар бир ит қоқсуякнинг ҳидини олиб, яқинлашса-ю, бу суякни биров босиб, олса, нақ иликдан тишлаши тайин. Гобелян эса ит эмас, ҳид олгани ҳам қоқсуяк эмас. У итга ўхшаб иликдан ҳам олмайди, нақ бўғизга ёпишади. Лекин унинг навбатдаги одами қачон пайдо бўлади, қачон ва қанақасига ташланади — ана бу муаммо эди. Яна бир муаммо — бу сафар кимни юборади? Турсуналининг ёлғон маълумоти билан Мурикнинг ўлими орасида боғлиқлик борлигига уларнинг ақллари етади.

Тенгиз шу саволларга жавоб излайди. Унинг лагердаги шериклари эса бетоқат бўлишади. Турсунали бесабрлик билан сўраган куннинг эртасига «Политбюро» йиғилишида Кошак хазина нима бўлганини сўради.
— Ҳозирча хазина йўқ экан, деб тураверайлик, — деди Тенгиз.

Бу гапни эшитиб, Қўтос унга ажабланиб қаради. Кошак эса, жойида бир қимирлаб олиб:
— Ёлғон гапирма, княз, — деди. — Сен бу хабарни телетайпга қўймагансан.
— Тўғри, қўймаганман, — деди Тенгиз хотиржам.— Ақлинг бўлса, ўйлаб кўр-чи? Бу хабарни телетайпга қўйиш мумкинми? Ундан кўра Москва радиосига чиқиб жар сола қолмайсанми?
— Телетайпга қўймаган бўлсанг, ким орқали чиқардинг хабарни?
— Ҳеч ким орқали чиқармадим. Чиқармайман ҳам.
— Княз, гапни бурмай, тўғри тушунтир. Бизга ёлғон гапирма, — деди Қўтос норози оҳангда. — Биласан, менга бойликнинг кераги йўқ. Ўртага ўғрилик номуси тикилган.
— Мен номусини сотадиган одамга ўхшаяпманми?— деди Тенгиз овозини бир парда баланд кўтариб. — Кошак, сен ҳам шундай ўйдамисан?
— Сенга биров бунақа дегани йўқ. Шунақа ўйласам Мурикнинг ёнида ётган бўлардинг. Сен «хазина йўқ», деяпсан. Биз «ёлғон гапирма», деяпмиз.
— Ёлғон гапирмадим. «Хазина йўқ», ҳам демадим. «Хазина йўқ экан, деб тураверайлик», дедим. Нима, русчага тушунмай қолдиларингми? Озгина пайт пойлашимиз керак. Чўмични юборганларни аҳмақ деб ўйламаларинг. Тузоқларини тайёрлаб туришибди улар. Кошакка ўхшаган бир аҳмақ хабар чиқарар, яна бир аҳмақ хазинани олгани келар, деб пойлашмайдими? Майли, улар бизни аҳмақ деб кутишаверишсин. Кута-кута чарчашади. Шунда биз ишни бошлаймиз. Шунда ҳам лагер телетайпидан чиқармаймиз хабарни.
— Нима қилмоқчисан, айт, — деди Қўтос.
— Ҳозир бошқа одам юборишса-чи? Бу лақмани бошқа лагерга жўнатишса-чи? — деди Қўтос.
— Ҳа, шунақа бўлиши аниқ, — деди Кошак. — Вақт борида уни ҳам гум қилиш керак. Агар биров ҳиқилдоғидан олса, гуллаб қўяди.
— Ўлдиришга шошилма. Бойлик топишни билган одам сен билан менга ўхшаган юзта одамни лақиллата олмайдими? Чўмични алдади. Балки бизни ҳам алдагандир? Бойлиги бошқа ердадир? Бугун ўлдирсанг, эртага аттанг, деб юрасан.
— Княз, ҳамма гапларинг тўғри. Лекин чайнаётган луқмангни олдириб қўйма, — деди Қўтос маънодор оҳангда.

Тенгиз унга норози қиёфада бир қараб қўйди. «Политбюро» аҳли ундан узил-кесил қарор кутаётган эди. У бироз ўйланган бўлди-да, ўрнидан туриб, аҳдини маълум қилди:
— Овқатни қандай чайнаб, қандай ютишни ўзимга қўйиб беринглар. Ҳали ҳеч бир кавказлик оғзидаги луқмасини бировга олдириб қўймаган. Дунё тургунича шундай бўлиб қолади!

«Политбюро» беркитилган бойлик ва бойлик эгасининг тақдирини ҳал қилаётганида Нуриддин билан Турсунали ўзаро муносабатларини ойдинлаштираётган эдилар. Аниқроғи, Нуриддин ойдинлаштираётган эди. Бу овлоқда бир-бирларини кўрганларида ҳали нотаниш бўлсалар ҳам суюниб кетишган эди. Ҳарҳолда бегоналар орасида ҳамюртларнинг бир-бирларига далда бўлиши яхши-да. Кунлар, ҳафталар ўтгани сайин феъли, табиати, дунёқараши турлича бўлган бу икки маҳбуснинг дастлабки суюнчлари сўна борди. Айниқса, Нуриддинда бу одамдан узоқлашиш истаги туғилди. Турсуналининг ҳам бу мағрур йигитга даъвоси кўпайиб бораётган бўлса-да, лозим пайтда ҳимоя қила олиши мумкинлиги сабабли ундан нари кетишни хоҳламади. У «Ўзбекнинг кичиги бўлгунича кучуги бўлгин», деган мақолни бу ерда ҳам амал қилишини истар эди. У аввалига Нуриддинни «туғишгандан аълороқ укамсан», деб иззат қилиб юрди. Кейинроқ «ака»лик мартабаси камлик қилиб, «хожалик»ни даъво қила бошлади. У ҳордиқ чиқариш пайтларида ўзининг мавқеи, шон-шуҳрати ҳақида, шу шуҳрати оқибатида кўп душман орттиргани ва туҳмат билан бу балога учрагани тўғрисида гапирарди. Шаҳарда ҳали ҳам баланд мартабали акахонлари, оғайнилари борлиги, Нуриддин озодликка чиққач қучоқ очиб кутиб олажакларини тез-тез писанда қиларди. Бора-бора бу гаплар Нуриддиннинг меъдасига тегди. Писанда соясида «Сен менга ҳозир сидқидилдан хизмат қилавер, озодликка чиққанингдан кейин менинг валинеъматларим сени паноҳларига олишади», деган маъно яширинганини ҳам фаҳм этди. Шу боис Турсуналининг ҳасрат дафтари очилиши билан бир нарсани баҳона қилиб, туриб кетадиган бўлди. Турсунали буни сезди-ю, «билагида куч бор-у, бошида ақли йўқ бу боланинг», деган ҳукмга келди. Доруломон кунлари бўлганда-ку, бу «бошида ақли йўқ бола»ни сариқ чақага ҳам олмас эди-я! Бу овлоқда суянадиган бошқа одами бўлмагани учун чидади. Ҳатто бир куни Нуриддин «Ака, юкни ҳадеб менга юклайверманг, аравангизни ўзингиз ҳам тортинг-да, жудайла ўлигингизни ташлаб олдингиз», деб қўрслик қилганида ҳам тишини тишига қўйди. Бунга ўхшаган «манқа йигитлар» илгари остонасида сарғайиб ўтиришарди. Бу эса...

«Политбюро» иш бошлаганида қамоқ лагерининг тобелари кечқурунги овқат билан қоринларини алдаб, ётар жойларга тарқалаётган эдилар. «Қоринларини алдаб», дейилишининг боиси — ошхонада алюмин косаларга сузиб берилувчи суюқликнинг номигина «овқат» эди. Турсуналига ўхшаб умри маишатда ўтганларнинг ошқозонлари бундай алдовга чидай олмасдан қийналарди. Хуллас, навбатдаги алдовдан сўнг назоратчи маёр дам олиш умидида чиқиб кетаётган Турсунали билан Нуриддинни тўхтатиб, «идиш-товоқ ювишга ўтларинг», деб буюрди. Агар «нима учун биз ювишимиз керак?» деб эътироз билдирилгудай бўлса, бу камлик қилиб, туни билан ишлаб чиқишлари мумкинлигини билганлари учун, мулла минган эшак ҳолида буюрилган ишни бажаришга киришдилар. Нуриддин учун бундай юмушнинг оғирлиги ҳам, малоллиги ҳам йўқ, у бундан баттар юмушларни бажаравериб ўрганиб кетган. Турсунали учун эса мазкур ҳолат хорликнинг бир кўриниши эди. Шу сабабли назоратчи сал нари кетиши билан дийдиёсини бошлади:
— Бу дунёда адолат деганнинг ўзи йўқ, — деди у минғирлаб. — Кун бўйи ишлаб берганим камми бунга? Шунақа пайтда Худодан ҳам хафа бўлиб кетаман. Мен халқнинг нони бутун бўлсин, деб туну кун тиним билмас эдим. Терим пайтида ҳафталаб уйга келолмас эдим...

Турсунали шу тарзда яна эски ашуласини бошлади. Нуриддин унинг гапларини эшитмаслик учун косаларни атайин бир-бирига уриштириб, шовқин чиқариб юварди. Турсунали эса бунинг фаҳмига етмай битта косани кўтариб олганича ликопча ушлаб, катта ашулани олаётган ҳофиз каби туриб, минҚирлашини давом эттирди. Меъдага тегувчи бу «катта ашула» охири Нуриддиннинг сабр косасини тоширди:
— Жуда-а, эз-зиб юбордингиз-да, ака! — деди у зарда билан. — Нуқул адолат дейсиз, нуқул ҳалоллик дейсиз, бировлардан талаб қиласиз. Ўзингизда бормикин шу адолат, шу ҳалоллик?

Нуриддин шу гапи билан Турсуналининг бетига шапалоқ тортгандай бўлди.
— Вей, ука, вей, Нуриддин, сиздан эшитяпманми шу гапларни, а? Биз киммиз ахир, адолатсизлик қурбонлари эмасмизми?
— Мени ўзингизга тенглаштирманг. Сизнинг йўриғингиз бошқа. Адолат билан ҳалолликни ҳамма гапирганида ҳам сиз гапирманг.
— Вей, ука, сиз бу гапларни бир гапирдингиз, иккинчи айтманг. Мен сиз ўйлаган нопоклардан эмасман. Ҳаммани бир хил қаричда ўлчаманг. Мен ҳалол яшаб келган одамман.

Нуриддин бу гапдан илжайди. Бу илжайиш замирида заҳар борлигини пайқаган Турсунали тутақди:
— Кулманг. Мен сиздақаларнинг қанчасини... — Турсунали «ўйнатганман» демоқчи бўлди-ю, мавриди эмаслигини билиб, гап маромини бурди: — Сиздақаларнинг қанчасига ёрдам берганман, ўқитганман, ҳунар ўргатганман.
— Ака, — деди Нуриддин қўлини кир сочиққа артиб, — бу гапларни бошқага айтсангиз ҳам менга айтиб, овора бўлманг. Мен қишлоқда ўсган боламан. Сизга ўхшаган «директор бува», «раис бува»ларнинг қилиқларини жуда яхши биламан. Сиз бутун дунёни айланиб биттагина ҳалол раисми ё директорними топиб, менга рўпара қилинг, агар у чиндан ҳалол бўлса, мен калламни шарт узиб, қўлингизга тутқазайин.

«Каллангни пишириб е», деди ўзича Турсунали. Баҳс ўзининг фойдасига ҳал бўлмаслигини англаб, унга жавоб бермай, қўлидаги косани ювмоққа киришди. Шу оннинг ўзида ҳисоб-китобни рослаб олмоқ аҳдидаги Нуриддин эса, «ҳужум»ни давом эттирди:
— Ҳалоллик дейсиз. Қайси раис, қайси директор амалга бепул ўтиради? Сиз сарф-харажат қилмаганмисиз? Кейин райкомлару обкомларнинг томоғини мойлаб турмаганмисиз? Қаердан олардингиз? Ҳалол одам топа оладими шунча пулни? «Терим пайтида ҳафталаб уйга бормас эдим», дейсиз. Тўғри, бормас эдинглар. Сизларнинг штабларингиз бўларди, а? Тунлари пахта пунктларида қиладиган ишларингни қилиб олардиларинг. Мен кетмончининг ўғлиман. Эсимни таниганимдан бери қўлимда кетмон. Лекин биримиз икки бўлмаган сира. План юз элликдан пастга тушмаган, аммо чўнтак пул кўрмаган. Сиз айтган адолат шуми? Ҳалоллик шуми? Бу ердаги ўғрилар нима учун сизга ёпишиб қолишди? Туҳматга учраган одамга улар тегишмайди. Қайтага ҳимоя қилишади. «Ҳалол»дан топганингиз кўпдирки, тинч қўйишмаяпти. Ўғрини қароқчи урса шунақа бўлади.
— Вей бола, сен ҳаддингни бил! Ўғриларингга қўшиб инингга кирғизвормайин тағин! — Турсунали шундай деб косани отди. Нуриддин косани кафти билан бир уриб, нарига учириб юборди.
— Ана, ҳақиқат истайсиз-у, ҳақ гапга чидай олмайсиз.
— Шунақами? Мен ҳаромхўрманми? Ўғриманми? Сен ўзинг-чи? Кимлигингни билмайманми?
— Кимлигимни яширмайман, қилган ишларим учун уялмайман. Мен бир аблаҳни ўлдирдим. Бу ерда яна биттасини ўлдирдим. Улар тирилиб қайтиб рўпара бўлишса, барибир яна ўлдирардим. Бу йўлдан қайтмайман. Билиб қўйинг: мен сиз каби одамлардан нафратланаман. Сизга ўхшаганлардан бу ердаги ўғрилар минг марта яхшироқ. Улар ўғирлайдилар, талайдилар, керак бўлса ўлдирадилар. Лекин сизларга ўхшаб «Покман!» деб мияни ачитмайдилар. Ўғриликларини тан оладилар. Ўғри эканликлари билан фахрланадилар. Сиз-чи? Ҳамма ёғингиз шалтоқ бўлиб ётибди-ку, яна покликдан, адолатдан гапириб, бошни қотирасиз. Агар очиқликда дуч келиб шу афсоналарингизни айтсангиз, бетингизга тупурворардим, ака. Бу ерда ноиложликдан салом-алик қиляпман. Атрофдагилар икки ўзбек бир-бири билан чиқишмас экан, дейишларидан ҳижолатдаман. Бу ерда яна бир кун бирга бўламизми ё бир йилми, майли, ака-укадек юраверайлик. Фақат менинг олдимда ўзингизни пок кўрсатишга тиришиб жиғимга тегманг, ака. Мен тўғри ўсган боламан. Тилим заҳар бўлса ҳам тўғрисини айтиб қўя қоламан. Энди косаларни мен ювай, сиз тоза сувда чая туринг. Ишламаётганингизни кўрса балога қоласиз.

Нуриддин шундай деб яна ишга киришди. Турсунали уни ғажиб ташлагиси келди-ю, ноиложликдан муштумини қаттиқ қисишдан ўзга чора топмади. Тенгизнинг гапларидан сўнг Турсунали учун қизларининг ташвиши етарли эди. Бегона бир йигитнинг тилидан ўзи ҳақидаги ҳақиқатни эшитиш оғир бўлди. Ўша тун бир чимдимгина уйқусида Нуриддин билан олишиб чиқди. Кейинги тўрт-беш тун ҳам шундай кечди. Бир ҳафтадан сўнг «совуб» бу тақдирига ҳам тан берди.

Душман

Самандар ҳушига келиб, қаерда ётганини англай олмади. Уйига киргани... Нафиса... Бегона эркак... булар нима, тушми эди? Сўнг Москвага келгани, Кремлдаги суҳбат... Меҳмонхона... Кимдир келди, нимадир деди. Ким эди? Нима деди? Кейин-чи?

Хонадаги анжомларга қараб, шифохонада ётганини англади. Шифохонанинг ёқимсиз ҳиди кўнглини айнитиб, ўқчий бошлади. Ўқчуқ овозини эшитган ҳамшира шошилиб кириб, унга идиш тутди. Сўнг врач пайдо бўлди. Томирини ушлаб, мижжаларини қайириб кўргач, ҳамширага қисқа, аммо буйруқ оҳангида кўрсатмалар берди. Шундан сўнг Самандар ундан «қаердаман?» деб сўраб, ҳарбийларнинг марказий шифохонасида эканини билди. «Соппа-соғ эдим-ку, бу ерга қандай келиб қолдим?» деб ўйлаб, ажабланди. Саволига жавоб топа олмай врачдан «нега бу ердаман?» деб сўради. Врач унга қараб, бош чайқади-да: «Бекордан бекорга ўлиб кетмаслигингиз учун шу ердасиз», деди. «Ўлиб кетмаслик учун? — янада таажжубланди Самандар. — Нега ўлишим керак?» Бу саволига ўзи ҳам жавоб топа олмай яна врачдан сўради. Врач яна бош чайқади: «Баъзан шунақа бўлиб туради,— деди у. — Одам ўзи билмаган ҳолда ўлим жари ёқасига бориб қолиши мумкин. Сиз қарийб жарга қулаган эдингиз. Тортиб олдик» «Тортиб олдик?.. Нега қулайман? Нега тортиб олади?..» Жавобсиз саволлар кўп эди. Бироқ врач у билан ҳамсуҳбат бўлишни истамай, ташқарига чиқди. Унинг топшириғи билан чиққан ҳамшира яна уч ҳамкасби билан кириб келди-ю, Самандар учун азобли дақиқалар бошланди. «Агар жардан тортиб олиши шунақа азоб бўлса, ўлиб кетаверганим минг марта яхши эди», деб ўйлади. Унинг ичакларини ювавериб ҳолдан тойдириб юборишди. Бу жараён яна икки кун давом этиб, суроби тўғри бўлиб қолди. Учинчи куни Базаров йўқлаб келди.
— Ҳа, Горинич, аҳвол қалай? — деди у. Кейин Самандарнинг киртайган кўзларига қараб кулди: — Бўладиганинг бўлиб қолибди-ку? Эплолмасанг нима қилардинг ичиб? Келиб-келиб Медведевга ҳамшиша бўласанми? Сен «Волга» дарёсини симириб ташлаган змей Горинични эшитганмисан? Медведев ароқни худди ўша дарёдай симириб тўймайдиган Гориничлардан.
— Медведев? Ким у? — деди Самандар унинг гапларини тушунмай.
— Ҳали ким билан ичганингни билмайсанми? Генерал Медведевни эшитмаганмисан? Қизиқ, у ҳам сени эслай олмади. Лекин айтиб қўяй: агар у билан теппа-тенг ичган бўлсанг — ёмон эмассан. Сени қаҳрамонликка тавсия этиш мумкин. Яна у билан ичишсанг эҳтиётроқ бўлгин, яна қаҳрамонликни ўлганингдан сўнг олиб юрмагин. — Базаровнинг кейинги гапи пичинг аралаш ҳазил оҳангида айтилгани билан, замирида озгина пўписа ҳам мавжуд эди. — Хўп, бўлар иш бўлибди. Қалайсан энди? Туриб, юра оласанми?
— Сиз мени ўлимтик одамга чиқариб қўйдингизми? — деди Самандар норози оҳангда. — Ҳеч қаеримда оғриқ йўқ, шикоятим ҳам йўқ, нимага ётибман бу ерда ўзи?
— Ичингни тозалашибди, энди қонингни ҳам тозалашлари керак экан. Яна уч-тўрт кун ётадиганга ўхшайсан.
— Ишларимиз нима бўлди?
— Ишларимизми? — Базаров муғамбирона жилмайди. — Ҳа, дуруст, эсинг жойида экан, ишларимизни унутмабсан. Ишларимиз — беш, оғайни, бундан баттар бўлиши мумкин эмас. Сен адашмаган экансан. Ўша ерда чиндан ҳам ядро синови ўтказилган. Ҳозир ҳукуматнинг расмий баёноти тайёрланди. Бугун-эрта эълон қилиниши керак. Штатларнинг попуги сал пасаядиган бўлди. Индалмаса даъволари осмон баравар эди. Шунақа, ошна, сен енгдинг. Байгилдин сенга алоҳида салом айтди. Мосламани кучайтириш ҳақидаги таклифинг ҳам ўтадиган ўхшаб турибди.
— Ҳиндқушга ўрнатиш-чи?
— Бу таклиф ўтмаса керак. Афғонистондан аскарлар олиб чиқиб кетилса-ю, Ҳиндиқушга ҳарбий кузатув маркази қурилса, ақлсизликнинг ўзи-ку, бу? Кремлни ишонтирдик шекилли.
— Виктор Базарович, мен ўн-ўн беш кун Москвада қолишим мумкинми?
— Нима қилмоқчисан?
— Докторлик диссертатсиямга жавоб бўлмаяпти. Бир шуғулланиб кўрсаммикин, девдим. — Самандар шундай деб нигоҳини олиб қочди. Табиатан ёлғондан ҳазар қилувчи бу одам айни чоқда асл мақсадини — уйдаги фожиадан сал йироқроқда юриш истаги борлигини яширмоқчи эди.
— Бе, бошингни қотирмасангчи! — деди Базаров қўл силтаб, — Сенга шу диплом зарурми ҳозир. Сен юзта фан докторининг ишини бир ўзинг қилиб ўтирибсан. Шунинг ўзи етарли эмасми?
— Ҳарҳолда...
— Ҳа, керак, диплом ҳам керак. Лекин сен шошилмай тур. Мен бу ишларнинг ҳаммасидан хабардорман. Сенинг бу ишларинг билан баъзилар қизиқиб турибди. Шунинг учун ҳам ҳимоянг масаласи ноаниқ муддатга сурилган. Шунинг учун ҳозирча уйингга қайтавер. Ҳа, айтмоқчи оила аъзоларинг тинчми?

Самандар бу саволни эшитиб енгил титради-ю, яна кўзларини олиб қочди. «Нега сўраяпти? Хабар топганми?», деб ўйлаб довдиради.
— Сен бу ерга келишингда уйингга кирмаганмидинг? — деб сўради Базаров унга синовчан тикилиб.
— Йўқ, йўқ, — деди Самандар, — тўғри келаверганман.
— Яхши. Бизга хабар беришди: хотининг касал эмиш. Болаларинг бормиди?
— Йўқ...
— Яхши...

«Яхши? Нимаси яхши? Нега суриштиряпти? Хабар беришган... Хабар беришган...»

Самандарнинг руҳида саросима бошланганини Базаров сезди. У ҳали фожиадан бехабар эди. Билгани: Самандарнинг хотини ўлдирилган. Базаров унга ачиниб, кўнглини кўтарувчи гап излади. Табиатан қўпол муомалали бўлган генералдан қалбни юмшата олувчи, таскин бера олувчи гапнинг чиқиши мушкул эди.
— Менга қара, у ерда душманларинг борлигини биласанми? — деди у худди томдан тараша тушгандай тарзда.

«Душман? Қанақа душман?» Руҳ пўртанасидаги сарсари Самандарга бу савол ғалат туюлиб, Базаровга савол назари билан қаради.
— Нима, душманларинг йўқми? — деди Базаров.
— Қанақа душман? Мен бировга ёмонлик қилмаганман?
— Душман орттириш учун бировга ёмонлик қилиш шарт эмас. Ақлли бўлсанг кифоя, дарахтнинг тагидан ўтсанг ҳам тепангдан душман ёғилади. Агар билсанг, ақл ҳам бир бало, бошқаларда кучли рашк уйғотади. Рашк эса туппа-тузук дўст одамни душманга айлантиради. Мен синаганман: сенларда шунақа касаллик кучли. Бизларда ҳам бор-у, аммо унчалик эмас. Сенлар бир одамнинг орқасидан қора чаплаб ёзишни яхши кўрасанлар.

«Бу касал миллат танламайди, ҳаммада бор», — деб ўйлади Самандар. У ҳозир бу мавзуда баҳслашишни истамас эди. Шу сабабли фикрини очиқ баён қилиб, ҳамсуҳбатига эътироз билдирмади. «Гапини калта қилиб чиқиб кета қолса эди», деб умид қилди. Базаров эса бу сукутни фикрининг тасдиғи сифатида қабул қилиб, хотиржам тарзда гапини давом эттирди:
— Биламан, сен «бошқалар ҳам худди шундай», дейишинг мумкин. Лекин янглишасан. Масалан, грузинлар, арманилар, латишлар бундай қилишмайди. Котрикадзени биласан, а? Ўзи ёмон олим эмас. Лекин, тўғрисини айтсам, иши Давлат мукофотига арзимайди. Номзоди қуйиладиган бўлганда мен шахсан қарши бўлганман. Лекин Грузия томондан шундай ҳимоя довули ёпирилди-ки, охири олди ўша мукофотни. Бултур сени мукофотга ўзимиз тавсия этдик. Ўзбекистондан шундай қаршилик довули ёпирилдики, охири ололмадинг. Ҳатто Василий Игнатевич ҳам ажабланиб, ҳеч нима қилолмай қолди. Яна мукофотга номзодинг қўйилганини тор доирагина биларди. «Очилов — Давлат мукофотига номзод», деб матбуотда эълон қилинса, билмадим, нима бўларди? Нега шунақасанлар, а? — деди Базаров норози оҳангда бош чайқаб.
— Билмайман, — деди Самандар ғудраниб. Ҳозир уни мукофот ҳам, душманлари ҳам қизиқтирмас эди. Гапнинг бу тарзда калта қилинганини Базаров яна бош-қача тушунди:
— Сен билмасанг мен биламанми? Мен тушунмайман, Очилов, битта хотинни қўйиб, иккинчисини олишнинг илмий ишга нима даҳли бор? Сени «қолоқ феодал» деб ёзишди. Шахсан менга кашфиёт муҳим, илм муҳим. Кашфиётни феодал қиладими, буржуа қиладими — фарқи йўқ. Душманларинг учун эса бу муҳим, жуда муҳим. Сенларда бош конструкторнинг иккинчи хотинни олишга сира ҳаққи йўқ. Эсингдами, Шарифхўжаев деганнинг диссертатсияси учун куйиб юрган эдинг. «Дўстим», деб менга таништиргандинг. Сени ҳурматингни қилиб, унга ёрдам берувдим. Эсинг-да, а?
— Эсимда.
— Хўп, билиб қўй энди: ўша «дўстинг» ҳам ёзган эди. «Бу кашфиёт фақат Очиловники эмас», деб ёзибди. Менга эмас, тўғри СКга ёзган. Нима мен аҳмоқманми ёки Байгилдин аҳмоқми? Кашфиётда илмий гуруҳнинг хизмати борлигини билмаймизми? Лекин бошсиз тана нима қила олиши мумкин? Ўша Шарифхўжаевинг бу танада ким? Бир бармоқми? Ёки бир тукми? Душманим йўқ, дейсан-а! Менга қара, балки Москвага бутунлай кўчиб кела қоларсан, а?
— Москвага? Нима қиламан бу ерда?
— Нима қилардинг? Ишлайсан. Шароит яратиб бераман. Очиғини айтсам, Байгилдин билан шу маслаҳатни пиширдим. Ўйлаб кўр.
— Бу ерда ақллилик балоси йўқми?
— Бор, тўғри, аммо сенлардаги даражада эмас.
— Бу ерга келсам, у ердаги илмий гуруҳ тарқатиладими?
— Шубҳасиз. Аммо яхши одамларингни олиб келишинг мумкин.
— Йўқ, у ерда ҳозир кучли илмий гуруҳ тўпланган. Битта-иккита аҳмоқни деб тарқатиб юбора олмайман.
— Аҳмоқлик қиляпсан, билиб қўй. Сен бу ерда энг кучли гуруҳни ташкил этишинг мумкин. Истаган одамингни, истаган республикадан чақиртирамиз. Москва марказидан жой берсак, ҳар қандай олим ҳам учиб келади. Йўқ, дейишга шошилма.
— Хўп, — деди Самандар суҳбатга якун ясаш учун. Базаров эса буни ризолик аломати деб тушуниб, елкасига уриб қўйди:
— Мана бу бошқа масала. Сен уйингга бориб келавер. Қолган ишларни менга қўйиб бер.

Базаров шу гапларни айтгач, хотиржам равишда ўрнидан туриб хайрлашди. У кетгач, Самандар ўзини тамоман йўқотди: хотини касал... душманлари бор... Москвага кўчиб келиш... Генералнинг гаплари чироққа урилган парвоналар каби хаёлларини тўзитиб юборди. «Нима қилардим уйга кириб, тўғри келаверсам бўлмасмиди?» деб ўзини ўзи койиди. Уйдаги манзара кўз олдида гавдаланиб, ҳайкал каби қотди. Кириб келган ҳамширага ҳам руҳсиз тарзда қараб қўйди. Билак томирига санчилган игнага ҳам парво қилмади. Ўйлай-ўйлай «генерал балки тўғри айтаётгандир, Москвага кўчиб келганим маъқулдир», деган фикрда тўхталди. Бу фикр бора-бора қарорга айланди. «Оила, бола-чақа менга насиб этмаган экан, Худо менга фақат илм берган экан, оилам бўлмаганидан кейин шу ерда қолаверганим маъқул...» Яна икки кун шу қарор атрофида тараддудланиб, учинчи куни Базаровга телефон қилди-да, аҳдини билдирди. Бу орада муолажа якун топиб, уни ҳарбий аеродромга кузатиб қўйдилар.

Аниқ бир қарор билан қайтаётган Самандар Омонуллонинг интиқ кутаётганидан бехабар эди.

Номус

Омонулло шаҳарга қайтмай, автобусга ўтириб Тошболтанинг қишлоғига йўл олди. Адолатнинг «хотинини уриб ўлдирган», деган гапи унга яна бир муаммо эшигини очиб берган эди. Депара марказига, сўнг ички ишлар вакили ҳамроҳлигида қишлоққа боргунича қош қорайди. Нафисанинг фожиали ўлими ҳақидаги миш-мишлар билан яшаётган қишлоқ милитсия ходимларининг суриштириб келишганидан ўша заҳотиёқ хабар топди. «Иккита милиса суриштириб келибди», деган хабар қишлоқнинг нариги бошига етгунча «икки мошин тўла милиса босибди», деган ваҳимага айланиб, Йигитали яшайдиган кўча жонланиб қолди. Ҳангома-талаблар ҳовлига киришни истадилар-у, аммо дарвоза остонасида турган йигитга йўлиқиб изларига қайтдилар. Бироқ бу хонадондан узоқлашмадилар. Уларнинг назарида ҳозир бу уйда «бир нима» содир бўлиши керак эди. Улар ана шу «бир нима»дан қуруқ қолмаслик учун ҳам шикордаги овчи мисол сергак турдилар. Бу қилиқлари учун уларни айблаш ноўриндир. Қишлоқда ҳар ойдами, ҳар йилдами бир жувон ўлдириб кетилса, суриштириб милиса келиб-кетиб турса, бошқа гап эди.

Одамлар «бир нима содир бўлишини» беҳуда кутдилар. Ичкарида ҳеч қанақа ғалати воқеа юз бермади. Балки Омонулло билан Йигиталининг оддий савол-жавоблари бўлиб ўтди. Омонулло гапни узоқдан бошламади. Ўзини қизиқтираётган муаммоларни еча олишга хизмат қилувчи саволдан бошлаб қўя қолди:
— Жиянингиз... Болтаева бу ерга тез-тез келиб турармиди?
— Йўқ...— деди Йигитали шоп мўйловини силаб,— онам раҳматли ҳаётликларида келиб-кетиб тургувчи эди. Кейин оёғини торта қолди. Эрга текканидан ке-йин ҳечам келмади. Эри қўймади шекилли-да.
— Эрини танийсизми, кўрганмисиз?
— Йўқ, кўрмаганман. Тўйидан бехабар қоғонмиз. Тошболта қишлоқдан ҳеч кимни айтмаган. Азалдан феъли чатоқроқ шу боланинг.
— Синглингизни... — Омонулло «уриб ўлдирганми?» деб сўрамоқчи бўлди-ю, тилини эҳтиёт қилиб бошқача тарзда сўради:—... бирон касал бўлганмиди?
— Синглим касалмасиди. Шу Тошболта хунаса бир куни денг, келиб урибди-да. Мен йўғаканман. Бор бўғанимда ўзининг жиғини эзибла қўярдим-а. Бу хунаса ичишни эвлолмасиди. Ичдими, тамом, ишкалнинг уясини кавларди-да. Қаттиқ урганидан синглим бечоранинг ичаги узилиб кетибди. Дўхтир шунақа деган.
— Қамалишининг сабаби бошқа-ку?
— Ҳа-да, биз даъво қилмадик-да. Ўшанда бир нима деб қўйсак умри қамоқда чирирди. Шу Нафисани дебла уни аядик. Аслида Тошболта ўшанда туҳмат билан кетди, Худонинг ургани шу, шунинг ўзи етарли, дедик. Аямасдан оттирворсак бўларкан. Йўқ бўлиб кетовурса Нафисанинг бошига бу балолар ҳам ёғилмасиди.
— Нега?
— Нега бўларди? Ўзим тарбия қилардим. Шу қишлоқлик қулинг ўргулсин йигитга эрга берардим. Шаҳарга юбормасидим. Э, энди гапирганнинг фойдаси йўқ, — Йигитали шундай деб қўл силтади.
— Тошболта акани туҳмат билан кетган дедингизми?
— Ҳа-да, у трахторини тўғри йўлдан ҳайдаб борган. «Жигули»даги хунасанинг ўзи келиб унга урилган. У ҳам маст бўғон-да. Омма-лекигин унинг пули бор эди. Ишни тескари қиб юборди, қизталоқ. Буни кўрган гувоҳлар бор эди-ку, омма-лекигин бир нима дейишга қўрқишди. Менга айтишди. Мен нима, прокурормидимки, бир нима қила олсам. Пешонасида қамалиш бор экан, кетворди. Янаям осон қутулди. Омма-лекигин орада қизига жавр бўлди. Синглим ҳам кетди, жияним ҳам кетди, ҳеч ким қолмади... — Йигитали шундай деб уф тортди-да, кафтига бир чимдим нос тўкиб, сўнг тилининг тагига ташлаб, бош чайқаб қўйди.
— Жиянингизнинг... душманлари бормиди?
— Ия, гапингиз қизиқ, хотин кишида ҳам душман бўлами?
— Бўлмайди, деб ўйлайсизми?
— Бўлар-ку, омма-лекигин ўлдириб кетадаҚон душмани бўлмасов.
— Унда ким ўлдириши мумкин?
— Шунисини билмайман, ука, — Йигитали ғўдираниб носни тупурди-да, мўйловини силаб қўйди. — Мен бундақа гапларни биладағон прокурор эмасман. Менинг билганим — куни битган экан, шунақа ўлим топибди. Ҳаммамиз бирин-сирин ўлиб кетоврамиз, дунё эса орқамизда қоловради.
— Жиянингиз аввалги совхоз директори билан яқин бўлган экан, шуни сиз билармидингиз?
— Ким айтди? Тошболтаникига борувдингизми? Ҳа... унда аши шайтоннинг урғочисидан эшитгансиз. Бекорларни айтибди у шилта! Бизди уруғдан бунақаси чиқмаган! — Йигитали шундай деб шарт ўрнидан турди-да, худди тўннинг этагини қоқаётгандек сонига уриб қўйди. Омонулло унинг бу ҳолатидан ажабланмади. Жиянининг ахлоқи хусусида бундай нохуш гап эшитган ҳар қандай тоғанинг ғазабланиши табиий. Тағин ҳам Омонулло «яқин бўлган экан», деб пардалаб айтди, агар «ўйнаши экан», дегандами, бу чапанисифат одам қай ҳолга тушардийкин? Ён-атрофдагиларга сўз бермай юрувчи эркак номуссизлик кўланкасида қолгудай бўлса чидаши ниҳоятда қийин. Жиянининг, ҳатто ўз фарзандининг ўлимига чидар, «тақдир экан», деб ўзини юпатар, аммо номуссизлик тамғасини кўтаришга ҳар қандай бақувват бел ҳам чидамас. Йигитали жиянининг қадам олишини билмасди эмас, билар эди. Улар яшаётган совхоз дунёнинг нариги чеккасида бўлса эканки, гап-сўз етиб келмаса. Унда биров аксириб юборса, ёнидаги «соғ бўлинг», дейишга улгурмай акс-садоси қишлоққа етиб келади. Йигитали бир эшитганида индамади — «ғийбат гап», деб ўзини тийди, иккинчисига чидади. Учинчисида бориб жиянига индамади-ку, аммо Тошболтани ёқасидан олди. Тупроғи кўпчиб ётган кўчада оғзи-бурнини қора қонга белаб урди ҳам, юмалатиб тепди ҳам. Хумордан-ку чиқмади-я, лекин «енди тийилар», деб умид қилди. Семириб кетган қўчқорни ҳомиладор гумон қилиб туғиб беришини кутган одам қанчалар лақма бўлса, Йигитали ҳам бу соҳада нодон эди: ширага ўрганган пашшани яхшилик билан қайтариш мумкинмаслигини фаҳмламасди. Бора-бора ғиштнинг қолипдан кўчганини англагач, жиянига «қишлоққа камроқ кел», деб қўйди. Нафиса бувисининг жанозасига келиб, еттиси ўтгунича турмоқчи бўлганида Йигитали хотинларнинг висир-висирларидан безиб, жиянига «Энди қизим, бу ерда турганинг билан бувинг тирилиб қайтиб келмайдилар. Яқинда эр қилган одамсан, уйингдан узоқма. Энди қишлоққа келиб овора ҳам бўловурма. Соғинганимда ўзим бориб хабар оламан», деб кузатиб қўйди. Шундан сўнг у жиянини соҚинмади, жиян ҳам «тоғам йўқламаяптилар», деб хавотирланмади. Йигитали жиянининг яшаш жойини ҳам билмасди, билишга қизиқмади ҳам. Нафиса билан бирга ўсган қизининг борди-келди қилиш ҳақидаги гапини ҳам шарт бўлиб қўя қолди. Отасининг феълини билган қизи истагини бир айтди-ю, бошқа тилга олмади.

Омонуллонинг «аввалги совхоз директори билан яқин бўлган экан», деган саволи Йигиталининг ярасини тирнаб қўйди. У саволдан норози бўлиб эмас, ана шу тирналган яра азобига чидолмаганидан ўрнидан туриб кетган эди. Йигитали шу савол-жавобдан сўнг тумтайиб олди. Буни сезган Омонулло эзмаланиб ўтирмади. Соатига қаради-да, кечки поездга улгуриш мақсадида ўрнидан туриб, хайрлашди.

Тонгда поезддан тушиб, ювиниб, кийимларини алмаштириш ниятида уйига борди. Қайнонаси ювиб-дазмоллаган кўйлакларни жавондаги илгичларга илиб, уйни йиғиштириб, стол устидаги кафтдек қоғозга қисқагина мактуб ёзиб қолдирган экан: «Фотимангиз телпон қилиб, салом айтди. Ишлари тезлашяптийкан. Дадангиз икки-уч келиб-кетибдилар. Хавотир оляптилар». Кейинги сўзларни ўқиб, Омонулло жилмайиб қўйди. Қайнона «дадангиз» деганда Омонуллонинг тутинган отасини назарда тутган, «хавотир оляптилар», деб бориб кўришга даъват қилган эди. Тутинган отаси улардан тўрт эшик нарида туради. Уни бориб кўрадиган бўлса, қайнота-қайнонани йўқлаши ҳам табиий. Қайнонаси «бизникига кириб ўтинг», демай, чиройли тарзда мақсадни баён қилиб кетган эди. Она меҳрига зор ўсган Омонулло юмшоқкўнгил, ширинмуомала қайнонасини куёв эмас, чин ўғил муҳаббати билан иззат қиларди. Қайнонаси эса оналик меҳрини берган эди. Омонулло билан Фотима орасида жиддий тўқнашув бўлмаса-да, икир-чикир масалаларда ҳам доимий равишда куёвининг ёнини олиб, қизига қарши турарди. Шунақа пайтларда Фотима «Ойи, мен қизингизманми ё келинингизманми?» деб куларди. Қайнотасининг эзмалиги ёқмаслигини ҳисобга олмаганда Омонулло уни ҳам яхши кўрарди. Вақти бемалол бўлса, гапларини индамай эшитарди. Баъзан ўтирган ерида мизғиб ҳам оларди. Қайнотасининг энг яхши одати — «мен шунча гапирдим-ку, ҳамсуҳбатим индамади-я», ёки «гапимни ёқтирмай ухлади-я», деб сира ранжимасди. Омонулло салом бериб «Қалай ада, яхши юрибсизми?» дейишга улгурса улгурди, улгурмаса жим ўтиришга ҳукм бўларди. Қайнотаси гапира-гапира хумордан чиқарди-ю, меҳмон кетгач, хотинининг дашном ўқларига учраб яна камгап, «мўъмин»га айланарди. Фотима баъзан гапга тушиб кетса Омонулло «Ҳа, ота қизи!» деб тегажоқлик қилиб, унинг жиғига тегишни яхши кўрарди.

Омонулло бугун ишдан барвақтроқ чиқиб, уларни йўқлашни кўнглига тугиб, чой қўйиб ичди-да, хизматга йўл олди. Йўл-йўлакай прокуратурага кириб, Мелс Хўжаевга учради. Сафарга кетишдан аввал кўришганида бу кибор йигит уни лол қолдирган эди:
— Ака, сиз ҳақингизда мен кўп яхши гапларни эшитиб, хурсанд бўлдим, — деганди. — Мен бу соҳада янгиман. Тажрибам йўқ, билимим ҳам етарли эмас. Лекин шу ишни ёқтираман. Ўзим хоҳлаб танлаганман. Менга иш ўргатинг, илтимос, иш буюраверинг.
— Ишни прокуратура буюради бизга, — деган эди Омонулло пичинг оҳангида.
— Шунақа деманг-да. Одамлар «фалончининг ўғли» деб менга ҳавас қилишади. Ака, билсангиз шу нарса мени кўп қийнайди, менга кўп зарар беради. Ўқишда ҳам учиб юриб ўқидим. Баъзи домлалар кўнгил учун ҳам сўраб қўйишмасди. Бу ерда ҳам қийнагилари келмайди. «Фалончининг ўғли» бўлганим учун мен айбдор эмасман-ку? Қачонгача учиб юраман. Бир кунмас бир кун қўнганимда нима деган одам бўламан?

Омонулло таажжубини яширмай унга тикилиб қолган, Мелс Хўжаев ҳам «гапим — гап!» дегандай тик қараган эди.

Омонулло унга Самандар Очиловга тегишли янги фикрларини айтиб, экспертиза хулосаларини баён қилди. Мелс Хўжаев ҳарбий прокурор орқали битадиган навбатдаги ишлар билан шуғулланишга ваъда берган эди. Омонулло сафар хулосаларини баён қилгач, у «биз ҳам бекор ўтирмадик, ака», деган оҳангда ҳисобот бера бошлади:
— Шахсан округ ҳарбий прокурори билан гаплашдим, — Мелс Хўжаев бу гапни болаларча завқ, болаларча ғурур билан айтиб, худди олқиш кутгандай Омонуллога қараб қўйди. «Чакки эмассан», деб ўйлади Омонулло, бироқ, бу гапни тилига кўчирмади. Мелс Хўжаев яна шу завқ билан гапини давом эттирди: — Очиловни кузатиб борган полковник билан суҳбатлашганингиздан округ ҳарбий прокурорининг хабари бор экан. У «шундан бошқа ёрдам беришга ожизмиз», деб айтди. Очилов ҳарбий соҳага оид илмий иш билан шуғуллангани билан ўзи ҳарбий ҳисобланмас экан. Унинг қаердалигини суриштиришга ёки бизга тутиб беришга уларнинг ҳақлари йўқ экан.

«Шунга ақлинг етибди, боқса одам бўласан. Қани, давом этавер-чи», деб ўйлади Омонулло. Унинг жимгина тинглаши Мелс Хўжаевда шубҳа уйғотиб, бир нафас тин олди. «Бирон нима дермикин», деб кутди. Омонуллодан садо чиқмагач, давом этди:
— Менинг амаким шунга яқин бошқа идорада ишлайдилар. Амаким орқали Очиловнинг Москвада эканини аниқладим. У ҳозир ҳарбий госпиталда экан. Яқин кунларда қайтар экан.

«Яхши, қайтаверсин, кутиб оламиз», деб ўйлади Омонулло.
— Лекин биз уни кутиб ололмаймиз, — деди Мелс Хўжаев, унинг фикрини ўқигандай, — Уни ҳарбийлар самолётида олиб келишади. Самолёт ҳарбий аеродромга қўнади.
— Биз уни ўзининг уйида кутамиз, — деди Омонулло қатъий оҳангда.
— Мен ҳам шунақа деб ўйловдим, — деди Мелс Хўжаев. — Агар хоҳласангиз шахсини аниқлаштириш учун бир одам билан учраштиришим мумкин.
— Ким билан?
— Очилов билан бирга ишлайдиган одам. У амаким билан махфий ҳамкорлик қилар экан. У билан учрашасиз-у, аммо ўзининг кимлигини суриштирмайсиз.
— Ўзингиз кўришмадингизми?
— Тўғрисини айтсам... кўрдим. Амаким гаплашдилар, ўзим индамадим. Унинг қотилликдан хабари йўқ экан. Гапларига қараганда Очиловни ёқтирмайдиганга ўхшайди. «Жамият учун зарарли шахс» деб очиқ айтди.
— Нимаси зарарли экан?
— Иккита хотини бормиш.
— Иккита хотинли одам жамиятга зарар келтира олмайди, — деди Омонулло кулимсираб.
— Нега? — деб ажабланди Мелс Хўжаев бу гапнинг чинми ё ҳазил эканини фарқлай олмай.
— Нега бўларди? — Омонулло «шуни ҳам билмайсизми?» дегандай кулди. — Бунақа одам иккита хотинни эплаш билан овора бўлиб дунёда совет жамияти борлигини ҳам унутиб юборади. Ҳайрон бўлманг, ҳазиллашдим. Агар у одамингизнинг гапи рост бўлса, иккита хотинли одам жамиятга зарар келтирса, учтами тўртта хотин олганлар жамиятга ўт қўяр экан-да. Сиз тўғри фаҳмлагансиз: ичи қора одамга ўхшайди. Яна нима дейди?
— Бошқаларнинг илмий ишларини ўзлаштириб олар экан. Ўзини Давлат мукофотига қўйиб, ололмабди.
— Бўлди, тушунарли. У билан ҳозир гаплашмасак ҳам бўлади. Зарурат бўлса, кейинроқ учрашамиз.
— Сиз... Очиловнинг биринчи хотини билан кўришдингизми?

Омонуллонинг шундай режаси бор эди. Бироқ, прокуратура ходимининг жиғига теккиси келиб атай:
— Шартми? — деб сўради.

Мелс Хўжаев Омонуллонинг қувлик қилаётганини сезиб, елка қисиб қўйди-да, ранжигансимон тарзда деди:
— Ўзингиз биласиз, мен сизга буюра олмайман.

Омонулло «фикрларингиз дуруст, мен шунчаки ҳазиллашдим», деб овутмоқчи бўлди-ю, «паст-баландга кўниксин», деган хаёлда индамади. Хайрлашиш учун қўл узатганда Мелс Хўжаев унга бир парча қоғоз узатди:
— Нима бу? — деди Омонулло ажабланиб.
— Очиловнинг биринчи хотини шу манзилда ту-ради, — деди Мелс Хўжаев, бу сафар киборларча боқиб. Омонулло унинг қарашидаги «бунисига нима дейсиз?» деган маънони ўқиб, жилмайганча жавоб қилди:
— Қойилман, гап йўқ!

Омонулло ишхонасига кираверишдаги навбатчи уйчаси ёнида турган Адолатни кўриб, ажабланди. Бу аёлнинг келишига амин эдику-я, бироқ бу қадар тез йўқлар деб кутмаганди. Адолат уни кўрди-ю, куёвига пешвоз чиққан қайнонадай жилмайиб қарши олди. У ялтироқ ипли сариқ куйлак кийиб олган, оёғида ёшларга расм бўлган пошнали қора туфли, қошу кўзларига қалам тортган, лабига оч қизил бўёқ суртиб олган эди. Қилиғи ўзига ярашмаган бўлса-да, ҳарҳолда аввалги кўринишига қараганда сал одамбашарароқ эди.
— Вой Худойимга шукр-эй, — деди у саломлашгач, — келмай қолармикинсиз деб юрагим така-пука эди-я.
— Келинг опа, тинчликми? Хўжайин тузукмилар?
— Ҳа, ётибди, ғўлдир-ғўлдир қилиб. Нафисанинг уйидаги молларни олиб кел, деб юбордилар.
— Ие, шунақами, гапираяптиларми?
— Қаёқда? Тил ўша-ўша — кетган.
— Тил кетган бўлса қанақасига «молларни олиб кел», дедилар?
— Вой... — Адолат тилидан илинганини билиб сал саросималанди-ю, лекин сир бой бермай, ўзини қўлга олди: — тил ўлгур бўлмаса ҳам кўзлари очиқ-ку? Имо-ишора билан гапиряптилар. Шунча йил бирга яшагандан кейин кўзларига қараб туриб, нима демоқчи бўлаётганларини билиб оламан.
— Овора бўлиб келибсиз, опа, мол эгасига берилади.
— Вой, шошманг, началник ука. Мен сизга бир муҳим гап айтаман.
— Хўп, айтинг.
— Бу ерда идорангиз борми? Кўчада айтадиган гап эмас.

Омонулло уни хонасига бошлаб кирди. Адолат стулга ўтираётиб тор хонага бир разм солди-да:
— Ўлдирган одамни қидиряпсиз-а? — деб сўради.
— Қидиряпмиз, — деди Омонулло.
— Ҳали топмадингиз-а?
— Зеҳнингизга қойилман: топмадим.

  

— Топа оласизми?
— Билмадим. Ҳарҳолда бурун бўлса, рўмолча топилади, деган гап бор.
— Мен сизга бир гапни айтсам, осонгина топасиз.
— Шунақами? Менга айтиб ўтирмай ўзингиз топа қолмайсизми?
— Опоси, сиз менга бунақа пичинг қилманг. Мен сизга қишлоқда таппи чангаллаб юрган саводсиз хотин эмасман. Билмасангиз билиб олинг: икки марта райсоветга депутат бўлганман. Бир нарсани билмасам шундан шунга аҳмоқ бўлиб келмасийдим. Ер юткурнинг сирини мен билмай, яна ким билсин?
— Ер юткур... ким? Отасими ё қизими?
— Икковиям бир гўр.
— Қанақа сир экан, айтинг-чи?
— Тўхтанг, олдин келишиб олайлик. Мен сизга билганларимни айтаман. Сиз эса менга молларни олиб кетишимга рухсат берасиз.
— Айтадиганларингиз шунчаки ғийбат бўлса-чи?
— Вой савил, мен ғийбатчига ўхшайманми?
— Нафиса Болтаева аввалги директор билан дон олишарди, девдингиз. Тоғаси «бўлмаган гап», деб рад этди.
— Тоғасими? Анави мўйлов жинними? У қаёқдан биларкан? Жиянини аборт қилдиргани ким олиб борган экан, сўрамабсиз-да. Бир марта бўлса ҳам гўрга эди. Уч марта олиб борганман. Мен ғийбатчи бўлсам Матлубадан сўранг. Жувонмарг бўлгурни кўрдингизми ўзи?
— Собиқ директорнинг хотинини айтяпсизми? Борсам уйида йўқ экан, шаҳарда дейишди.
— Вой савил қолсин, шаҳарда бало бор эканми? Уйидан атай чиқмаган. Ўлгудай қўрқади.
— Нимадан қўрқади?
— Эри қамалганидан бери роса обиска1 қилишяпти. Анавинда ҳам келиб-кетишган экан.
— Қачон?
— Тўхтанг, аввал келишиб олайлик, кейин сўранг саволингизни.
— Болтаева!
— Мен Болтаева эмасман, Худога шукр, Низомбековаман! У ергина юткурнинг фамилиясига ўтмаганман.
— Низомбекова, бу ер сизга бозор эмас. Савдолашманг. Агар билганингизни яширсангиз ё чалғитмоқчи бўлсангиз, қонун бўйича жазоланасиз.
— Вой ўлайин, ҳолвани ҳоким еб, калтакни етим ейдими энди? Биров келиб қизимни ўлдириб кетсин-да, сиз ўлдирганни топманг-да, мен жазо олайинми? Ўлмай ўла қолсин, бу қиз ўлгур, бошгинамга битган бало бўлди. У ёқда отаси ётибди «ана ўламан, мана ўламан», деб. Бу ёқда бу кишим ўтирибдилар «айтмасангиз қамайман», деб. Ҳой, менга қаранг, қамашга мендан бошқа одамингиз йўқми?
— Мен қамайман, демадим, жазо оласиз, деб огоҳлантирдим.
— Қамайман, дейсизми ё жазо оласан, дейсизми — бир гўр эмасми? Ҳеч нима билмайман, деб туриб олсам-чи? Ичимдаги гапни ёриб оласизми? Ундан кўра молимизни бериб юборинг, мен сизга керакли гапларни айтай.

Омонулло бу шайтон қамчиси билан савдо пишиши қийинлигини англаб, телефон гўшагини кўтарди-да, қўшни бўлимга қўнғироқ қилди:
— Ҳафизхон ака, Болтаеванинг уйида рўйхатга олинган молларни ҳозир бериб юбориш мумкинми?— Омонулло шундай деб Адолатга қараб олди. Адолат масала ўзининг фойдасига ҳал бўлаётганидан мамнун ҳолда бир қимирлаб олди. Омонулло эса суҳбатини давом этди: — Ҳа, одам келди. Болтаеванинг ўгай онаси, — Омонулло «бу қўпол гап таъсир қилармикин?» деб Адолатга тикилди. Адолатда норозилик аломати сезилмади. — Мумкин эмасми? — Шу саволдан сўнг Адолат бир чайқалаб олди. — Иложини қилиш керак. Эридан тилхат олиб келса-чи? Ҳа, албатта, гувоҳлар иштирокида. — Омонулло шундай деб гўшакни жойига илди. — Тушундингизми? Бир ҳафтадан сўнг тилхат билан келасиз. Қани, энди айтинг гапингизни.
— Кеча сиз кетганингиздан кейин эсимга тушди. Хотирам ўлгур сал ўтмаслашиб қолибди, — деб гап бошлади Адолат. Омонулло эса ўзича «ўтмаслашган ақлда ўткир хотира бўларканми?» деб хаёлидан ўтказди.
— Уч ойми, тўрт ойми аввал Валижонни кўрувдим.
— Ким у? — Омонулло шу саволни бериб қоғозга «Валижон» деб ёзди.
— Валижонми? Турсуналининг ишонган шўпири. Турсуналини биласиз, қамалиб кетган директор. Қоранг ўчгур Матлуба эри қамалса ҳам кўчиб кетмади.
— Кўчиши керакмиди?
— Эри қамалганидан кейин кетмайдими келган жойига. Бир нимадан илинжи бор у мегажиннинг. Ҳозирги директор эрининг яқин одами эди. Уйига ҳам тегмади. Нега тегмади, биласизми? Ер юткур Турсунали Нафисани суриб юрганида, Матлуба бу одамнинг кўнгилчасини овлаб юрган.
— Кўрганмисиз?
— Нимани?
— Кўнгилчасини овлаганини?
— Кўриб нима, мен унинг лозимига қоровулманми, қачон ечиб, қачон кийганини пойлаб юрибманми?
— Хўп, бу гапларни қўйинг, сиз Валижонни кўрувдингиз?
— Ҳа, кўрдим, — Адолат шундай деб ғаши келганини билдириш мақсадида бир чимирилиб олди: — Бир куни Матлуба чақириб, тўппа-тўсатдан «шаҳарга борамиз», дебди. Валижон «ертага борайлик, кеч бўлди», деса ҳам кўнмабди. Кейин Валижон уни ер юткур Нафисаникига бошлаб борибди. Боришганидан кейин Матлуба Валижонга «сен чиқиб тур», дебди. Нафис ўлгур эса «Ўтиринг, Валижон ака, чой ичинг, ош пишяпти», деса ҳам кўнмабди. Хуллас, Валижонни чиқариб юбориб, жанжалнинг уясини қўзғабди.
— Нега?
— Унисини билмадим. Эри қамалмасидан илгари жимгина писиб юрарди.
— Эрининг ўйнаши борлигини билмасмиди?
— Балони биларди, у ергина юткур. Қип-яланғоч устидан чиқиб қолганида ҳам дамини чиқармаган.
— Унда нима учун жанжал қилади?
— Билмадим-у, аммо бир нима талашган.
— Эрини талашмаган хотин энди нимани талашиши мумкин?
— Нимани талашарди? Бойликни-да. Жувонмарг бўлгур Турсунали топганларини яшириб кетганга ўхшайди. Ер юткур Нафис охирги келганида отаси билан пичирлашиб қолди. Секин қулоқ солдим. Қулоғимга киргани Нафис ўлгур ниманидир «топиш керак», деди. Кейин «ўша кечаси ошхона томонга қараб юрувди», деди. Кейин икковиям кетди, билсам ўшанда боққа боришибди. Жувонмарг ўлгур боққа нимага боради? Эркаксираб боради-да. Ўйнаши қамоқда бўлса, эр жонивор ҳафталаб йўқ бўлиб кетса... Маишатни соғинади-да. Директор ўлгур ҳам буларга лаққа туша қолди. Қайтишганида қарасам, қулоғида янги зирак, бармоғида қўш узук. Нақ тилла! Кўзлари нақ жавҳар! Кўрдим-у, индамадим.

Омонулло бу гапни эшитиб экспертиза хулосаларини эслади: қулоқларидан зирак юлиб олинган, бармоқларида тўртта узук излари бор...
— Бармоқларидаги узуклар иккитамиди?
— Ўзи азалдан иккита бор эди. Биттаси никоҳ узуги, яна биттаси ёқут кўзли тилла узук эди. Боғдан қайтишганда яна иккитаси пайдо бўлди, деяпман-ку, тушунмадингизми? Эркак зоти ҳам ғирт аҳмоқ бўлади. Нафис ўлгур ким эди? Ит ғажиб ташлаган бир суяк эди. Шу сарқитнинг бармоғига иккита узук тақасанми? Шунақа сарф қилар экансан, свежийларидан топмайсанми?

Адолат янги директорни лақмаликда айблаб, яна бир-икки гап айтди. Омонулло эса янги директор билан бўлган учрашувини кўз олдига келтирди. «Нафиса Болтаевани кўрганим йўқ», деб тонганини эслади. Совхозда ишни хом бажарганини англаб, яна боришни дилига тугди-да:
— Хўш, энди Валижоннинг гапи чала қолди-ку? — деди.
— Ҳа-я, Валижон ўлгур ҳам лақма-да, «чиқ» деса чиқиб кетаверибди. Кундошларнинг қир-пичоқ бўлишларини мазза қилиб кўрмайсанми! Матлуба шумшуккина бўлиб юргани билан бало-да. Нафис ўлгур-ку тоғасига ўхшаган жинни. Юлиб ташлашдан ҳам тоймайди. Бир марта мени юлган у қўлинг сингур. Омма мен ҳам ҳаққимни қўймаганман.
— Хўп, қойилман, опа, Валижон нима деди?
— У жувонманг айтдики, Матлуба чиққанида важоҳати жуда ҳам ёмон экан. «Шу ни ўлдиртириб юбормасам юрган эканман», дебди.
— Валижонга шундай дебдими?
— Йўқ, Валижонга айтармиди шунақа гапни. Уйдан чиқиб келаётганда ўзига ўзи гапириб келаётган экан, ер юткур шўпир қулоғини динг қилиб эшитиб қолибди. Кейин менга айтди, «шунақа, шунақа гаплар бўлди, қизингизни эҳтиёт қилинг», деб қўйди. Энди тушундингизми?
— Тушундим. Айтадиган гапларингиз шумиди?
— Ҳа, шунча гапим камми сизга? Бўпти, агар камлик қилган бўлса, яна эшитсам ё эсласам келиб айтаман, — Адолат шундай деб ўрнидан туриб хайрлашди. Лекин дарров чиқиб кетмади. Остонада турганича «ер юткур» ва «ўлгур»лар ҳақида яна аллақанча гапларни айтиб ташлади. Омонулло уни билагидан ушлаб, йўлга бошламаса, кечгача гапиришдан ҳам тоймайдиган эди.

Адолатни кузатгач, Омонулло бошлиқ ҳузурига кириб қотиллик юз берган уйни назорат остига олиш масаласида келишиб олди.

Азобларнинг муқаддимаси

«Ҳа-ҳа! Барибир урди-ку, Худо!! Ҳали бу ҳам кам сенга, бир томчи сувга зор бўлиб ўласан. Ҳа, сен қийналиб ўласан, мен эсам роҳатланиб тамоша қиламан!».

Бу овоз... қайнонасининг овози... Ўзи қани? Қаерда туриб гапиряпти?

Ҳаракатсиз ётган Тошболтанинг кўзлари жавдиради. «Ухлаяпманми, туш кўряпманми? — деб ўйлади Тошболта. — Йўқ, уйғоқман. Ҳаммаёқ ёп-ёруғ. Аввал домла ўқиятувди, кейин милиса келди. Бу ҳам тушми? Йў-ўқ... «Адол билан гаплашди-ку у милиса? Адол... ҳаром ўлгур Адол, мендан олдин сен ўлсанг яхши эди. Бир кун бўлса ҳам сендан кейинроқ ўлишни орзу қилардим-а, бир кун бўлса ҳам одамга ўхшаб яшаб қолардим-а... Милисага нималар деб сасидинг-а, қанжиқ! Менга теккунингча нима қилган бўлсанг қилгансан. Ҳаммасини эшитган эдим, лекин сенга раҳмим келиб индамовдим. Ўшанда сени ўлдирворсам бўларкан. Сен... илон... ҳаммамизни чақиб ўлдирдинг... Бир соатга бўлса ҳам тузалсам эди, ўрнимдан туриб бўғиб ўлдирардим сен аблаҳни. Йў-ўқ... аввал тилингни кесар эдим, сўнг бўғардим. Нафиснинг олдига юзим ёруғ бўлиб борардим...»

«Ҳа-ҳа! Сени Худо урди-ку!»

Яна ўша овоз. Тошболтанинг кўзлари яна жавдиради. Сўнг нигоҳи қотди: ёнгинасида қайнонасини кўрди. Қайнонаси ўтириб олганича эски кўрпачани сўтяпти.

«Нима қиляпсиз?» — деб сўради Тошболта.

«Сенга кафан бичмоқчиман» — деб жавоб берди қайнонаси.

«Эски кўрпачанинг астаридан ҳам кафан бўларканми?» — деди Тошболта.

«Сенга шу ҳам ҳайф. Итдай ўлиб, итдай кўмилишинг керак», — деди қайнонаси.

«Мени бунча ёмон кўрасиз-а? Қизингизни урган бўлсам жазосини тотдим-ку? Худо бир алвастига рўпара қилиб қўйди-ку?» — деди Тошболта.

«Нафисанинг ҳаётини булғаб ташладинг. Менда ҳам айб бор: уни сенга бериб юбормаслигим керак эди»,— деди қайнонаси.

«Мен қизимнинг бахтли бўшишини истаган эдим. Бахтини топган эди», — деди Тошболта.

«Номи бузуқ бўлиб топилган бахт бахт эканми? Айт, ўзинг, жон қизим, бахтли эдингми?»

Шу пайт қайнонасининг орқасида Нафиса кўринди: эски, кир кўйлакда, кўзларида ёш, маъюс қараб турибди. Тошболтанинг ҳеч эсидан чиқмайди: қамоқдан қайтиб, қайнонасиникига келганида Нафисани шу ҳолатда кўрган эди. Кўриб, юрак-бағри эзилиб кетган эди.

«Қизим, бувингга айтгин, мен сенга ҳеч ёмонликни тилаганманми?»

Нафиса индамай, шу ҳолатида қараб тураверди.

«Қизим, мени қийнама, ўладиган бўлсам ҳам қийналмай ўлай, айт, бахтли эдинг-ку, ахир?»

«Нафиса сенга гапирмайди», — деди қайнонаси.

«Нега гапирмас экан?» — деди Тошболта.

«Ўликларнинг гапирганини қайда кўргансан?» — деди қайнонаси.

«Сиз гапиряпсиз-ку?» — деди Тошболта.

«Мен сенга кафан бичиш учун атайин келганман»,— қайнонаси шундай деб қаҳ-қаҳ отиб кула бошлади. Ўзини тўхтатолмай тўхтовсиз кулди, сонларига шапати уриб кулди, Тошболтанинг нақ тепасига туриб олганича кинолардаги ялмоғиз кампир каби хунук кулди. Кулги жарангидан Тошболтанинг қулоқлари шанғиллаб кетди.
— Ҳе, турқинг қурсин сенларнинг, жигарларингни қурт кемириб қуритсин!..

Бу кимнинг овози? Тошболта сергак тортди: қайнонаси эмас, Адолатнинг шанғиллаши бу. Кимни қарғаяпти?
— Молни эгасининг ўзига берармиш. Ким эгаси? Онангнинг маҳрига тушган мол эканми?

Шанғиш овози тобора яқинлашиб, рўпарасида Адолатнинг қаҳрли чеҳраси кўринди.
— Қанақа эркаксан ўзинг?! ўирт аҳмоқ одам ҳам шунча молни ўша ерга ташлаб келавермайди. Милисанинг гапларини эшитдингми? Э, эр бўлмай ўлибгина кетгин сен! Сенга текканимдан бери бирим икки бўлмади-я! Энди сени битимга боқаманми? Битта уколинг неча пул, биляпсанми. Тузаладиган бўлсанг, тузал, бўлмаса ўзим бўғиб ўлдириб қўя қолай. Боқишга арзийдиган эркак бўлсанг экан, сен...

«Ношукур бўлма, шунча топиб келганим камми сенга? Учта эмас, ўттизта қиз узатишга етадиган мол йиғдинг-ку? Тилла тақинчоқларни сотсанг иккита машина беради-ку? Бунча нолийсан, қора шақшақ?!» Шундай демоқчи эди, тил айланмади. ўўлдираган овоз чиқди.
— Нима деяпсан, қайтарчи? — деди Адолат ёнига тиз чўкканича қулоҚини динг қилиб.

«Ҳадеб вой-войлаб ўпкангни кўрсатавермай битта қўй олиб сўйдириб худойи қилиб юбор. Бизга бало ёғиляпти. Худойи қилмасанг бўлмайди. Боя домла ўқиётганида шу кўнглимга келди».

Тошболта шу сўзларни айтмоқчи бўлганида кўзлари қассобга қараётган қўзичоқ кўзлари каби жавдиради.

Адолат бу нигоҳга зуҳр бўлган маънони ўз ақли етганича ўқиди:
— Молларни бориб олиб келайми?

«Каллангни ишлатсанг-чи: бало ёғиляпти, деяпман сенга. Қўй олиб сўйдир, худойи қил, деяпман. Балога мен учрадим, майли, энди қизларга урмасин. Сен алвастига ҳам Худонинг атагани бордир, эсингни йиғсанг-чи!..»

Уларнинг бу таҳлитда гаплашиши соқов билан сўқирнинг суҳбатини эслатарди.
— Ҳа, бўпти, нима демоқчи бўлганингни тушундим, — деди Адолат. — Эрта ё индин бориб олиб келаман. Милиса бўлса ўзига, мен индамай қўйиб берарканманми? Ношуд бўлмай қаро ерга киргин сен. Шунча молни уйга қўймай, харидорга топшириб келсанг ўлармидинг? Бу ёққа ҳовлиқиб югурганинг билан қизинг тирилиб қолармиди? Мана, югурганинг билан кўмиш барибир сенга насиб қилмади-ку? Худо бизга меҳрибон-да, сени шу кўйга солмаганда мўйлов жиннинг ўла қолса жиянини кўммасди. Бутун харажат бизнинг гарданимизга тушарди. Эри ўлгур қайси гўрларда экан? Хотин олмай ўла қолсин, у сўтак. Қиз билан жувоннинг фарқига бормаса...

Тошболтанинг юраги санчиб, оғриққа чидолмай инграб юборди. Анча босилиб қолган курагидан оғриқ ҳам уйғонди. Оёқлари юзлаб чаёнлар ҳукмига топширилгандай азоб чека бошлади. Инграш ўкириққа айланди. Ёноғига ёш томчилари думалади.

«Бўғиб ўлдирсанг ўлдира қол», деган илтижо билан хотинига боқди.
— Ҳа, шунақа, — деди Адолат ўрнидан туриб, — тўғри гап туққанингга ёқмайди. Соғ пайтингда ҳам қутурган туяга ўхшаб ўкириб қолардинг. Ҳозир ҳам шунинг хумори тутдими, ҳе ўкирмайгина ўлгин сен...

«Тўхта, ҳеч бўлмаса оёқларимни силаб қўй, бу азоб билан ўлмай. Жоним чиқмасидан олдин сен ҳам менга бир яхшилик қил». — Тил бу гапга ҳам айланмади. Алҳол, бу илтижо тиш ҳатлаб айтилган тақдирда ҳам хотин томонидан ижобатга олинмоғи маҳол эди. Жавоб тариқасида унинг тилидан «Энди сенинг исқирт оёқларингни қашилаш қолувди», деган гапнинг учмоғи эҳтимолдан холи эмасди.

Тошболта азоблар исканжасида ётганида Нафиса кўринди.

«Қизим, жон қизим, кел, сен қутқар бу азоблардан».

«Қандай қутқарай? Бу азобларни мен бермадим сизга, мен қутқара олмайман».

«Бувинг мени бетўхтов қарғаяптилар. «Сени Худо урди», деб қувоняптилар. Мен Худога нима ёмонлик қилдим. Мендан бешбаттарлари ҳам юрибдилар-ку, ялло қилишиб? Биттагина айбим — онангни урганим. Ундан кейин мен ҳам одамга ўхшаб яшайин деб ҳаракат қилдим, халос. Бошқалар еб-ичиб, маишат қилиб қорнини силаб ётганида, мен оч-наҳор яшашим керакмиди? Нима, нафс битта менда бормиди? Нафси ўпқонлар-чи? Қани, гапир, нега жим турибсан?»

«Дада, мен нафсни ўлчайдиган тарозибон эмасман. Менинг билганим — бизларни шу нафс шарманда қилди».

«Шарманда қилди? Тириклигингда ҳам шунақа девдинг. Шармандалик нима ўзи? Кўзга кўринмаса, қўлга ушлаб бўлмаса, еб бўлмаса, кийиб бўлмаса... Одамларнинг гапими? Ўшанда ҳам айтувдим, ҳозир ҳам айтаман: тупурдим, ўша одамларнинг ўзларига ҳам, гапларига ҳам!»

«Дада, ундай деманг, шу одамлар эрта-индин сизни кўтариб жойингизга олиб боришади».

«Барибир тупурдим! Ўлганимдан сўнг кўтариб олиб боришадими ё ҳожатхонага ташлаб юборишадими — менга барибир. Сен қизим, бувингга тайинлаб қўй: ҳадеб мени қарғайвермасинлар. Уч-тўрт кун бўлса ҳам тинч яшай. Келсанг ўзинг кел, бувинг келмасин. Тўхта, бувингга қўшилиб сен ҳам мени қарғаётганинг йўқми?»

«Нимага қарғайман, дада?»

«Турсуналига рўпара қилганим учун-да. Лекин, сен билиб қўй: бу менинг калламдан чиққан ақл эмас эди. Алвасти ўгай онанг айтувди, мен лақмага маъқул келувди. Қарғасанг ўшани қарғагин. Лекин... ўзинг ҳам Турсуналини яхши кўрардинг-ку, а?»

«Яхши кўрардим, дада».

«Яхши кўрсанг бахтсиз эмас экансан-да? Буни бувингга айтгин. Оғзимиз энди ошга етганида, бошимиз тошга етди. Охирги марта боққа борганимиз эсингдами? Ўчоқ тагидан топган тақинчоқларимиз эсингдами? «Қорашақшақ» буни бошқача тушунибди. Янги директор билан ўйнашиб, шунинг ҳаққига олган, деб ўйлабди у ҳароми. Сени фоҳиша деб ҳисоблайди. Сенга авваллари айтмовдим, дардим ичимда эди. Менга тегмасидан аввал ўзи шунақа бўлган. Шунинг учун бошқаларни ҳам ўзига ўхшатади, у ҳароми. Қарғасанг ўшани қарға. Ўчоқ тагидан топган тақинчоқларни тақиб олувдинг. Ўлиб ётганингда қарасам, зиракларинг ҳам, узукларинг ҳам йўқ. Ўзинг олиб қўйганмидинг ё... эринг олиб қўювдими?»

Нафиса бу саволга жавоб бермай маъюс тикилиб тураверди.

«Билмайсанми? Унда сени ўлдирган одам олиб қўйган. Нафис, қизим, айт, сени ким ўлдирди? Ёнингдаги йигит ким эди? Фақат «ўйнашим эди», демагин. Мен ишонмайман. Сен унақа шилта эмас эдинг, қизим. Сени эринг ўлдирмаган, ундан гумоним йўқ. Агар у ўлдирадиган бўлса, Турсуналини ўлдирарди. У Турсуналини яхши кўришингни биларди. Бир марта маст бўлволиб менга йиғлаган, сенга айтувдим. «Турсунали билан учрашмасин», деб ялинган. Ўлдирадиган одам бунақа бўлмайди. Унда ким ўлдирди сени? Карвон бормаганмиди уйингга? Ўчоқни бузган куним бир нимани сезиб ис олгандай бўлувди. Мени кўролмайди у нокас. Боғ қоровуллигини мендан олгунича атрофимда итпашшадек айланди. Кейин-кейин қилиқ чиқарди. Менинг гумоним ўшанда. Сайфини танирдинг, а? Еттинчи бўлимнинг бошқарувчиси. Сенга совчи қўйдирганида унамаганман, эсингдами? Ўша Турсунали билан гап талашиб қолганида Карвон «Сен ҳали хўжайинга гап қайтарадиғон бўп қолдингми!» деб итдай пўпалаб ташловди. Мен ўртага тушмасам ўлиб кетарди, бола бечора. Ҳе, аттанг... шу гапларни милисага айтсам бўларкан...»

Нафиса отасининг гапларига эътибор бермай тисарила бошлади.

«Қизим, кетма, сен келиб, азобларим сал нари бўлятувди. Мени қутқар, қизим...»

«Ўзимнинг азобларим ўзимга етади, дада».

«Азоб? Қанақа азоб? Ўлган одамда қанақа азоб бўлади? Ўлим ҳамма азоблардан қутқаради-ку?»

«Йўқ, дада, ўлим сиз билан мен учун азобларнинг бошланиши...»

«Ундай дема...»

«Яқинда ўзингиз кўрасиз...»

Шундай деб кўздан йўқолди. Тошболтанинг қулоғига азобли фарёд овози эшитилиб, атрофига аланг-жаланг қаради. Ис босган айвон шипи, бўёғи кўчган устундан бошқа ҳеч нима кўринмади.

Кимдир ингради... Кимдир оҳ урди...

II- qism