OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

2 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифТоҳир Малик
Асар номиМурдалар гапирмайдилар (III- қисм)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Тоҳир Малик
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Қиссалар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм329KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2011/07/29
Манбаhttp://forum.ziyouz.com/ind...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Мурдалар гапирмайдилар (III- қисм)
Тоҳир Малик

Иккинчи баён: Фаржом (давом)

Поклик

— Қўлингни кўтар! ғиринг десанг, отаман!

Гарданига совуқ бигиз учи тиралгандай бўлиб, Омонуллонинг эти бир сесканди. Лекин таниш овоз уни жилмайган тарзда орқага ўгирилишга мажбур этди. Синфдош дўсти Сафарнинг қилиғи унга маълум: пойлаб туриб, орқадан писиб келиб, шунақа дейишни яхши кўради.
— Отадиган одам тўппончани биқинга тирайди, қаламни гарданга санчмайди, ҳариф! — деди дўстининг қўлини эҳтиётлик билан қайирган бўлиб. Кейин уларнинг ҳаракатини кулимсираб кузатаётган навбатчига қаради: — Мени «шошилинч тарзда йўқлаётган хотин» шуми? Сержант, бу ёлғон учун нима қиламан, биласанми?
— Ўзимизнинг акахонимиз-ку?
— Бўлди, укахонга сасима. Сен капитан бўлсанг, мен — Нишоновман! «Нишонов» деганда ҳозир капитан тугул генералларингнинг ҳам ичи ўтиб кетади. Бўлди, юр, кетдик.
— Қаёққа?
— Бугун қанақа кун? Иккинчи пайшанбами? Икки марта штрафга тушиб турибсан ўзинг.
— Йўғ-э?
— Ҳа-э! Энди сени ҳимоя қилмайман. Болалар пўстагингни қоқиб олишади.
— Аввалги «гап» куни касал эдим.
— Касал-пасалинг билан ишимиз йўқ. Аҳмаджон нима деган? Касал тугул ўлиб қолсанг ҳам ўлигингни «гап» бўлаётган уй ёнидан олиб ўтишлари керак. Кетдик.
— Ишим бор.
— Иш-пишинг билан ишим йўқ. Сержант укахон, хўжайинга айтиб қўйинг: ўртоқ Сафар Нишонов шахсан келиб, муҳим бир иш билан олиб кетдилар денг. Нишоновга қарши бир нима дейдиган одам ҳали туҚилмаган.

Омонулло Сафарнинг одатини билади. Танага ёпишган канани ёки зулукни олиб ташлаш мумкин-ку, аммо Сафар бир нима деб ёпишдими, ундан ўлиб ҳам қутулиб бўлмайди.
— Хўп, машинадамисан?
— Машинадаман, хизмат борми?
— Бор. Ҳозир дадамникига кириб ўтамиз.
— Тушунарли. Қайнонангни соғинибсан, у ерга кириб ўтишимиз ҳам тайин, а? Уялмай айтавер, мен атай бир ярим соат олдин келдим. Сенинг қилиғингни биламан.
— Эртага бўшмисан?
— ғирт бўшман, ўғри овига олиб борасанми? Бензин топиб берсанг бўлди, дунёнинг нариги четига ҳам кетавераман.

Омонулло хонасига кириб стол устидаги қоғозларни тартибга келтириб, тортмасига солгач, тезгина изига қайтди.

Табиатан серғайрат бўлган Сафар машинани ҳам беҳаловат тарзда ҳайдарди. Яшил чироқнинг ўчганига парво қилмай чорраҳадан ўтиши билан йўл ҳаракати назоратчиси ола таёғини кўтариб, тўхташга ишора қилди.
— Қизилга ўтмадим шекилли? — деди Сафар тўнғиллаб. — Машинада милиса олиб юришнинг ҳеч ҳосияти йўқ, шунақа ишкалга рўпара бўлавераман.
— Нақ қизилнинг ўзида ўтдинг. Мен гувоҳман. Ҳужжат кетди, деявер, — деди Омонулло тегажаклик қилиб, — овора бўлма, ёнингни олмайман.
— Сенга аҳмоқ одам ялинади. Қараб тур, ҳозир тўхтатганига пушаймон қилдирвораман.

Сафар шундай деб машинани тўхтатди-ю, аммо пастга тушмай, ўтираверди. Ҳайдовчиларнинг югуриб келиб, қўшқўллаб кўришишига кўниккан назоратчи бир оз кутди, сўнг машинага яқинлашди. Сафар ойнакни тушириб бош чиқарди.
— Ҳа, укахон, тинчликми?
— Тинчлик, ҳужжатларингизни кўрсатинг?
— Ўзинг кимсан, нега танитмайсан?
— Инспектор Нуриев. Ҳужжатингиз?
— Мени танимадингми?
— Танимадим, ака. Ҳужжатингиз? Илтимос, машинадан тушинг. — Нуриев шундай деб Омонулло томонга қараган эди, у «бопла, қўймайсан!» дегандай имлаб қўйди. Сафар эса, сумкасидан ҳужжатини олиб, машинадан тушди. Назоратчи ҳужжатларни кўриб чиққач:
— Сафар ака, нега қизилга ўтдингиз?— деб сўради.
— Нима дединг? — Сафар шундай деб худди беморни кўраётган табиб каби унга тикилди. — Мен кўк билан қизилни фарқига бормайдиган аҳмоққа ўхшайманми? Менга қара, мабодо ўзинг далтоник1 эмасмисан?
— Ҳақорат қилманг, ака.
— Вей, мен сени ҳақорат қилдимми? Гувоҳинг борми? Ўзинг менга икки марта туҳмат қиляпсан. Мен сени далтоник дедим. Бу сўкиш эмас, маъносини хўжайинингдан сўраб ол.
— Ака, нима десангиз денг, қизилга ўтдингиз. Протокол ёзаман.
— Ука, сен ҳужжатни кўрдингми?
— Кўрдим.
— Фамилияни кўрдингми? Фамилияни?
— Кўрдим.
— Нима деб ёзибди?
— Нишонов.
— Нима дегани бу?
— Билмайман, Нишонбой аканинг ё ўғли, ё набираси деганидир-да.

Сафарнинг доимий қуроли иш бермай, Омонуллога қараб қўйди.
— Машинадаги акангни танийсанми?
— Танимайман. Протокол тузаман, — Нуриев шундай деб қоғозларини чиқарди.
— Тўхта, ҳовлиқма, анави аканг ўзларингдан, подполковник. Менинг қиз ўртоғим бўлади. Вей, Омон, туш бу ёққа.

Омонулло кулимсираганича тушиб, назоратчи билан кўришди.
— Старшина, сигаретдан олинг, — деди бир кўзини қисиб қўйиб. Чекмайдиган Сафар ҳам назоратчи узатган сигаретдан олиб лабига қистирди. Омонулло старшинага ўт тутиб, сўнг ўзи ҳам тутатди-да, Сафарга қарамади. — Старшина сиз ҳақсиз: бу ўртоқ чиндан ҳам қизилга ўтди. Агар протокол ёзмасангиз, ўзингиздан кўраверинг. Бу ўртоқ икки марта алдаяпти: мен подполковник эмасман.

Омонулло кўз қисиб қўйгани билан бу гапларнинг ҳазилми ё чин эканини англай олмаётган назоратчи Сафарга ажабланиб қаради.
— Омон, қўй, бу гапларни. Подполковник бўлмасанг маёрдирсан, маёр бўлмасанг капитансан. Лекин менинг назарим тушган боласан. Подшозодаларнинг назари тушган милиса эрта-индин генерал бўлиб кетади. Сен бу болаларга ҳазиллашма, булар ҳазилни тушунишмайди.
— Нимаси ҳазил экан? Қонун ҳамма учун бир. Қоидани бузганингдан кейин жазосини ол.
— Шунақами? Додам роҳматли «милисадан ошнанг бўлса, ёнингда ойболтанг бўлсин», деганларида ишонмаган эканман, — деди Сафар пичинг оҳангида.
— Иккита ошна ўзларинг келишиб олаверинглар. Мен протокол ёзаман, — деди назоратчи.
— Ҳа, ёзинг, — деди Омонулло атай қитиқлаб.
— Ёзсинми? — деди Сафар пўписа оҳангида.
— Ёзаман, ака, ошначилик ўз йўлига, иш ўз йўлига.
— Бўлмаса, ма! — Сафар шундай деб унга машина калитини узатди. — Хўжайинингга бериб қўй. Машинани шахсан ўзи олиб бориб беради.

Назоратчи калитни олди-ю, савол назари билан Омонуллога қаради. Омонулло яна кўз қисиб қўйиб, сигаретини тутатаверди. Сафар эса «қўйинг ака, ҳазиллашдим», деган лутфни бир оз кутиб, лабига қистириғлик тутатилмаган сигаретни четга улоқтирди-да, қўл силтаганича нари кета бошлади. Шундан сўнг Омоннулло ўзининг гувоҳномасини кўрсатиб, узр сўрагач, машина ҳужжатлари билан калитни олиб, ҳайдовчи ўриндиғига ўтирди. Сафар ўн беш-йигирма қадамча юриб тўхтаб, ўтаётган машиналарга қўл кўтара бошлади. Омонулло ундан уч-тўрт қадам ўтиб машинани тўхтатди-да, пастга тушиб сўради:
— Акахон, қайси томонга борасиз? Йўл-йўлакай бўлса олиб кетай, ҳарна бензин пули чиқсин.
— Укахон, катта холангизникига кетятувдим, нақ йўлимнинг ўзи, — Сафар шундай деб тўнғиллади-да, ҳайдовчи ёнидаги ўриндиққа ўтирди.
— Сариқмассан-ку, бунча тутаб кетдинг? — деди Омонулло машинани юрғизгач.
— Ҳазил деб гапираверасанми? ГАИ ҳазилни тушунадими?
— Унақада ўзинг ҳам катта кетма.
— Катта кетиб нима дебман?
— «Сенга ялинган — аҳмоқ», деган ким эди? Энди аҳмоқлигингни тан олдингми?
— Сени ошнам деб юрган одам аҳмоқ бўлмай нима бўларди?
— Бўпти, минғиллама. Бир жойда зўр пиво бор, олиб борайми?
— Пивонинг додахўжасини ҳозир бориб ичасан. Баварияникидан топиб қўйган.

Пиво баҳонасида чалғиган Сафар аразни унутди. Омонуллонинг тутинган отасиникига боришгач, у «ўзинг кириб чиқавер», деб машинадан тушмади.

Икки табақали эшик қия очиқ эди. Омонулло қўнғироқ чалиб ўтирмай ичкари кирди. Уч оёқли калта нарвон устига чиқиб олиб, гилос тераётган Бобомурод Омонулло овоз бермагунига қадар унинг кириб келганини сезмади. Омонулло ана шундан ажабланди. Табиатан сезгир бўлган Бобомурод ичкари уйда ўтирса ҳам кўча эшиги очилганини биларди.

Тутинган ўғлининг овозини эшитиши билан гилосга узатган қўлини тушириб, пастга қаради. Омонулло унинг қарашида ҳам сустлик сезиб «қарияптилар», деб кўнглидан ўтказди. Отасининг ҳолатидаги ўзгариш сабабини кейинроқ билди, Омонулло сўрамаса ҳам Бобомуроднинг ўзи айтди:
— Опангнинг мазаси қочиб қолди, эрталаб касалхонага ташлаб келганман. Ҳозир яна кетаман. Кечаси ёнида бўлишим керак. Ҳарна далда-да.
— Сафар оғайнимнинг машинасидамиз. Кузатиб қўямиз, — деди Омонулло.
—Э, йўқ, ҳали овқат қилишим керак. Вақтинг бўлса, эрталаб хабар ол.

Бобомурод «опанг» деб атаган аёл Омонуллога етти ёт бегона эди. Охирги марта қамоқдан чиқиб қайтаётган Бобомурод Пенза бекатида ғарибгина кийинган, сочлари тўзиб, кўзлари киртайган аёлни кўриб, эътиборсиз ўтиб кета олмади. «Русларга ўхшамайди-ку бу аёл», деган ўй билан қараганида вагонларга тикилиб, киприк қоқмай турган аёл беҳосдан гапириб қолди:
— Биз уч киши эдик: Валя Наманганская, Гуля ва мен. Тўғри, ўғирлик қилмаслик керак эди...

Аёлнинг ўзбекчалаб гапириб қолиши Бобомуродни тўхтатди.
— Синглим, сизга нима бўлди? — деб сўради.

Аёл унинг гапларини эшитмади, ҳолатини ўзгартирмай, киприк қоқмаган ҳолда яна ўша гапини такрорлади:
— Биз уч киши эдик...

Бобомурод яна қайта сўради. Аёл ўзгаришсиз ўтираверди.

«Ўтириб чиққанга ўхшайди, — деб ўйлади Бобомурод. — Бошига уришган бўлса, эси оғиб қолганми...»

Бобомурод нима қилишини билмай турганида милитсия маёри унга яқинлашиб ҳужжатларини кўрсатишни сўради. Ҳужжатларни синчиклаб текширгач, қайтаришга шошилмай, Бобомуродга синовчан боқди-да:
— Ҳамюртинг шекилли? — деб сўради.
— Шунақага ўхшайди, — деди Бобомурод.
—Ҳамкасбинг бўлиши ҳам мумкин, — деди маёр.
— Ҳа, шунақага ўхшайди.
— Бу ҳам қамоқдан чиққан. Икки-уч кундан бери шу ерда. Жиннихонага бериб юборсаммикин, деб турувдим. Агар одамгарчилик қилиш қўлингдан келса, ўзинг билан олиб кет. Юртида қариндошлари бордир. Жиннининг миллати бўлмайдику-я, аммо хор бўлиб ўлиши яхши эмас.

Бобомурод милитсия ходимларини ёқтирмас эди, дейилса жуда юмшоқ қилиб айтилган бўлади. Ўн тўрт ёшидан бери тўрт марта қамоқ лагерларининг тузини тотган одамнинг нафратини ҳеч нима билан ўлчаб бўлмайди. Шундай бўлса-да, маёрнинг ҳозирги гаплари кўнглига ёқди. «Наҳот сенда туйғу бўлса?» деган маънода унга қараб олди-да:
— Бир амаллаб олиб кетаман, — деди.
— Сен бу ўтиришига қарама, салдан кейин ўзига келади, — маёр шундай деб ҳужжатларни қайтариб берди-да, нари кетди.

Аёл киприкларини пирпирата бошлагач, Бобомурод:
— Синглим, Тошкентга кетяпман, бирга кетайлик, — деди.

Аёл унга ялт этиб қаради-да, яқин меҳрибонини кўрган одамдай суюниб, жилмайди:
— Мен уйимга кетаман! — деб кафти билан бурнини артди.

Бобомурод ёши ўттизга етмаган, кўринишидан эса элликларни қоралаган аёлнинг феъли, табиати қандай эканини йўл-йўлакай билиб олди. Аёл милитсионерни кўрса қалқиб кетарди, жиноятдан ёки қамоқдан сўз очилса, лаблари ошкора титрарди. Бобомурод шу сабабли манзилга келгунича ҳам бу мавзуда сўз очмади. Аёл турар жойини унутган эди. Бобомурод ҳужжатига қараб уни қишлоғига бошлаб борди. Аёл туғилиб ўсган уй остонасига етишганда ҳали шом намозига азон чақирилмаган эди. Бобомурод эшикни тақиллатгач, қирқ ёшлардаги одам чиқиб Аёлни кўрди-ю, остона ҳатлаган ерида туриб қолди. Аёл ҳам унга қараб киприкларини пирпиратганича тек қотди.
— Сен кимсан, эримисан ё шеригимисан? — деди уй эгаси дабдурустдан.
— Эри ҳам эмасман, шериги ҳам эмасман. Йўлда учратиб қолиб, қоғозларига қараб бошлаб келяпман. Ўзинг кимсан?
— Ҳеч кими.
— Ҳеч кими? Танимайсанми бу аёлни?
— Танийман... — деди уй эгаси мужмал оҳангда,— мен... акаси эдим.
— Акаси эдим? Энди-чи, акаси эмасмисан?
— Ота-онам оқ қилишган, мен ҳам оқ қилганман.
— Нега оқ қиласан?
— Ишинг бўлмасин, бу исқиртни олу жўна бу ердан. Иснодга қолдирма бизларни. — У шундай деб ўгирилмоқчи бўлганида Бобомурод гирибонидан олди-да, қорнига мушт урди:
— Менга қара, ҳей ҳаром! Синглингни Пензада кўриб қолиб, етаклаб келдим. Ўша ерда бир ўрис, ўрис бўлганда ҳам бир мент синглингга раҳм қилди. Бу ерларда хор бўлиб ўлиб кетмасин, деди. Сен нима деяпсан? Мен тўрт марта ўтириб чиққан одамман. Бешинчисида нима учун ўтираркинман, деб юрувдим. Сенинг қонингни ичиб ўтираман шекилли? Қани, жонингни суғуриб олмасимдан айт-чи, нима учун оқ қилгансан?
— Шаҳарда ўқияпман, деб ўғриларга қўшилиб кетибди. Бизларни номусга қўйди.
— Сенда ҳали номус ҳам борми, ҳаром! Касал синглингни оқ қилдим деб, кўчага ҳайдаб қўйиб, яна номусдан гапирасанми! Ота-онанг қани?
— Ўлиб кетишди.
— Қовурғангнинг орасига панжамни тиқиб юрагингни суғуриб олгим келяпти. Лекин шу синглингнинг ҳурмати учун ҳозирча тирик қоласан. Сени йўқлаб алоҳида келаман. Номус нима, инсоф нима, виждон нима — гаплашиб оламиз. Ҳозир эса, ҳамма қўшниларингни чақир.

Ака аввалига кўнмади, бироқ юмшоқ ерига уч-тўрт тепки тушгач, буйруқни бажарди. Айрим қўшни аёллар тошдек қотиб турган Аёл билан кўришмоқчи бўлишди. Баъзилари эса, остоналаридан узоқлашмай чўчиган ҳолда қараб тураверишди.
— Қўшнилар, билиб олинглар: мана бу ҳаром одам ака экан. Бу ифлос одам синглисини оқ қилганмиш. Қамалган қизлар оқ қилинса, кўчаларда хор бўлиб ўлсин, деган қонун борми ўзи? Қаранглар, синглиси касал. Шу аёлга бир ўриснинг раҳми келди, акасининг эса раҳми келмайди. Энди мен шу аёлнинг номидан гапираман: у акасини оқ қилди, билиб қўйинглар! Энди мен унга ака, у менга сингил! Омин! Фотиҳа беринглар!

Биров фотиҳа қилган бўлди, биров қимир этмади.
— Биз уч киши эдик: Валя Наманганская, Гуля ва мен. Тўғри, ўғрилик қилмаслик керак эди...

Аёл бу гапни аввал секинроқ айтди, сўнг баланд овозда қайтарди-да, қаҳ-қаҳ отиб кулди, кулаверди...

Бобомурод ҳайрон бўлди: шу пайтгача Аёл кулмаган эди.

Қўшнилар бирин-сирин уйларига даф бўлдилар. Аканинг ҳам қораси ўчди. Бир пиёла чойга таклиф этувчи инсоф эгаси топилмади.

Қишлоқдан чиқишганда қош қорайган эди. Бобомурод бирон хонадон эшигини тақиллатиб бошпана сўрашни истамади. Ўз майлига қўйиб берилган кекса тулпор каби йўлнинг ўртасидан аста юриб бораверди. Аёл икки қадам орқада, унга мутелик билан эргашган эди. Бобомурод кўп зулм кўрган — зулм ҳам қилган, оқибатсизлик тузини тотган — ўзи ҳам оқибатсизлик заҳрини бошқаларга ялатган, оз бўлса-да, меҳр шаробидан лаззат олган — оз бўлса-да, бошқаларга ҳам илинган, инсоннинг ҳайвондан ҳам тубанроқ тарзда хорланиши мумкинлигини кўрган, вақти келса, бош-қаларга ҳам кўрсатиб қўйган одам эди. Аммо бугунгидай ҳолатни учратиш нима экан, эшитмаган, ҳатто хаёлига ҳам келтирмаган эди.

У ҳам, изидан келаётган маъсума ҳам, Бобомуродга фотиҳа берганлар ҳам, бермаганлар ҳам Оллоҳни танишмас эди. Бунинг учун уларга айб жандасини кийдирмоқ ноинсофлик бўлар. Туғилганларидан то айни дамга қадар бирон бир имон эгаси Яратган тангрини танишга даъват этмади. Яхшилик билан яшаганларга жаннат эшиклари очилажагию, ёмонлик қилганларга бу дунёдаги қамоқдан ташқари дўзах азоблари борлигини ҳеч ким айтмади, тушунтирмади. Уларнинг ҳар бирлари инсоф, виждон, иймон, меҳр-оқибат тушунчаларини ўзларича англашарди. Бу дунё синовли дунё эканини, ҳар бир ҳаракат, ҳар бир сўз имтиҳон тарозусида тортилажагини ўйлаб кўришмаган эди. Айни дамда зўр бир имтиҳон содир бўлаётганидан ҳам бу ғофил бандалар бехабар эдилар.

Қўшнилар уй-уйларига киргач, содир бўлган воқеани ўзларича муҳокама этиб, ўзларича баҳолар эдилар:
— Худо ёмон урибди, бечорани. Ота-онанинг қарғиши ёмон-да.
— Худо жазолабди...
— Жазосини берибди...

Алҳол, Тангрининг жазосига учраган ким? Аёлми, акасими ё шу қўшниларми? Валлоҳи аълам, биссавоб...

Йўлда бораётган Бобомурод буларни ўйламайди. Руҳоний масалалар, руҳоний ҳукмлардан узоқ бўлган бу одамнинг ўз дунёси, ўз ўлчамлари, ўз ҳукми, ниҳоят... ҳукмнинг ижроси бор. У «Худога солдим», «Бир кунмас бир кун уларни Худо уради» ёки «Худойим, ўзинг жазоларини бер», деб ўтирмайди. Масалани ўзича осонгина ҳал этади: ўзи ҳукм чиқариб, ўзи ижро этиб қўя қолади. Ҳозир ҳам шарт изига қайтгиси, аканинг юрагини суғуриб олгиси, бу бемеҳр юракни итларга ташлагиси келди. Жуда-жуда истади шундай қилишни. Бироқ, оғир-оғир қадам ташлаб келаётган чорасиз Аёлнинг қисматини ўйлаб, ўзини босди. Ҳозир қайтиб Акани чертса ҳам қамалиб қолиши оқибатида Аёл кўчада хорланиши ёки жиннихонада азоб чекиб ётиши мумкинлигини у биларди.

Туни билан юриш фойдасизлигини англаб, ташландиқ шийпон яқинида тўхтади. Бир оз ўйланиб тургач, шийпонга қараб юрди. Хас-хашакларни оёғи билан сидириб тозалаган бўлди-да, ўтирди. Аёл Бобомуродга яқин келишдан қўрққандек шийпон ёнида тураверди. Бобомурод аввалига индамади. Сўнг:
— Ўтир, — деб қўйди.

Аёл таклифни эшитмагандек тек тураверди.
— Ўтир, синглим, — деди Бобомурод юмшоқроқ оҳангда. — Эрталабгача дам оламиз шу ерда.

Аёл гўё шийпонни қимирлатиб юбормай дебми, эҳтиётлик билан қадам босиб чиқди-да, нарироққа бориб чўнқайди.
— Энди мен акангман. Энди сен хор бўлмайсан. Сен улардан ранжима. Улар ўғрини одам ўрнида кўришмайди. Мен эса, уларнинг ўзларини одам қаторига қўшмайман.
— Мен ўғри эмасман!

Секингина айтилган бу сўз аслида қалбнинг портлашидан ҳосил бўлган нидо эди. Бу учтагина сўз кўп йиллик ғам-андуҳлар занжирини узиб тилга чиққан эди. Бу гапни уйи олдида акасига айтмоқчи эди. «Барибир ишонмайди», деб айтмади. Янги акасига айтди. Қонсиз лаблардан учган бу сўзларни Бобомурод эшитди.
— Ўғри эмаслигини бир қарашимдаёқ билганман, — деди у. — Ўғри бўлганингда сени етаклаб юрмас эдим, ўзингни ўзинг эплардинг. Сендан яширмайман: мен ўғриман. Тўғрироғи, ўғри эдим. Қамоқда онт ичдим: бу ҳунарни ташлайман. Менинг бир ўғлим бор, шу юришим бўлса, уни бахтсиз қилиб қўяман. У яхши бола... энди у сенинг жиянинг. Сен ҳали ёшсан, синглим, ҳадеб сиқилаверма. Сиқилган билан биров сенга раҳм қилмайди. Ундан кўра мазза қилиб яшайвергину одамларнинг гапларига ҳам, қилиқларига ҳам эътибор берма. Ўйлаб кўр-чи, сени ўғри деганларнинг ўзлари тозамикин? Агар тозаси шунақа бўлса, наҳс босгани қанақа бўларкин? Биз энди бир-бировимизга суяниб яшаймиз. Бу ҳам катта бир бахт. Дунёда суянчиғи йўқ якка махов одамлар тиқилиб ётибди.

Бобомурод шу гапларни айтиб анча енгил тортди. Аёл эса унга жавоб қайтармади.

Қоронғи осмонга юлдузлар тошиб, само ҳуснини безади. Бобомурод жағини тиззасига тираб бу мўъжизага боқди. Юлдузлар — сайёраларми ё катта-кичик самовий жисмларми — у билмайди. Унга маълуми — юлдуз учгани кимнингдир жон узилганидан нишона. Ўали ўзини тутолмай Акани ўлдириб қўйса ҳозир битта юлдуз учган бўлармиди... «Наҳотки ҳамманинг жони шу юлдузларда бўлса, — деб ўйлади у. — Наҳотки ифлос одамларнинг ҳам жони шундай беғубор, шундай покиза осмонда бўлса. Бунақа одамларнинг жони ҳожатхонага ташланса, ҳожатхона ҳам булғанади... Йў-ўқ, юлдузлар одамларнинг жони эмасдир. Балки... шу аёлга ўхшаб хўрланганларнинг кўзларидаги ёш осмонга учиб, юлдузларга айлангандир... Қизиқ... бу нима учун йиғламайди? Шунча гапдан кейин ҳам йиҚламади. Йиғласа бўларди, енгил тортарди...»
— Синглим, сен мендан тортинма, йиҚлагинг келаётган бўлса йиғлайвер. Эркак бўлсам ҳам баъзан йиғлагим келади...

Аёл жавоб бермади.

Тун яримлаганда Бобомуроднинг уйқуси келди. Тиззасига бош қўйганича мизғиди. Беш-ўн дақиқадан сўнг чўчиб уйғонди-да, «кетиб қолмадимикин?» деган хавотирда Аёл томон қаради. Аёл тошдек қотиб ўтирарди. Бобомурод бир неча марта мизғиди. Ҳар сафар чўчиб уйғониб, хавотирланган тарзда Аёл томон қарарди.

Тонгни шу зайлда қарши олдилар...

Ўшандан бери Аёл шу уйда яшайди. Омонулло уни дастлаб кўрганида «Отам у ёқларда уйланибди-да», деб ўйлади. Сўнг бошқа-бошқа хоналарда ётишларини билиб, муомалаларида эр-хотинлик меҳри йўқлигини сезиб, ажабланди. Отасидан «Ким бу?» деб сўрамади. Бобомурод эса «Синглим», деб гапни қисқа қилиб қўя қолди. Аёлнинг «Биз уч киши эдик...» деган гапларини эшитгач, қанақа сингил эканини ўзича тахмин этди. Тахмин нотўғри эканини кейинроқ билди. Бир куни Бобомурод унинг тилига чиқаролмай юрган барча саволларига бира тўла жавоб берди:
— Мен ҳаммасини аниқладим: бу қиз бир номарднинг қўлига тушиб қолган. Бир ўғирликни шу бечоранинг бўйнига қўйиб юборишган. Туҳмат билан кетган. Ҳаммасини аниқладим, ҳаммаси ҳал бўлди.

Омонулло:
— Нима ҳал бўлди? — деб сўраганида Бобомурод:
— Туҳмат қилганлар жазоларини олдилар. Бу пок аёл, истасанг «амма» дегин, истасанг «опа» — деган эди.

Омонулло отасининг кўнглига қараб «опа» деди. Аёлни ҳар кўрганида унга ачинарди. Кейинчалик Аёлнинг ранг-рўйи яхши томонга ўзгарди. Чеҳрасида ёқимли нур ҳам пайдо бўлди. Лекин «Биз уч киши эдик...» бошланганида бетлари бирдан қорайиб, кўзларидан нур қочиб хунук ҳолатга келиб қолар эди.

Бу Аёлнинг келганига ўн икки-ўн уч йил бўлдими ё ундан ошдими, Омонулло аниқ эслолмайди. Қамоқдалигида «ўғлим, бундан бу ёғига фақат сен билан бирга бўламан», деб хатлар йўллаган одам Аёлнинг атрофида парвона бўлишдан ортмай қолди. Аёл кўп гапирмасди, овоз чиқариб кулмасди. Бир нарсадан хурсанд бўлса салгина жилмайиб қўярди халос. У жилмайганида Бобомуроднинг назарида бутун олам чароғонлашиб кетарди. Тундлашса эса унинг юраги сиқилиб кетарди. Шундай пайтларда баъзан «Ҳой, гапирсангчи, соқов эмассан-ку ахир!» деб койиб ҳам берарди. Шунда Аёл заифгина жилмайиш ҳадя этиб, унинг кўнглигини равшанлантирмоқчи бўларди.

Омонулло отасининг бугунги кайфиятидан сездики, Аёлнинг касали шунчаки ўткинчи хасталик эмас. Шу боис Омонулло «Отамга далда бўлар», деб бир оз гаплашиб ўтирмоқчи эди, Бобомурод унамади. «Ўртоғи билан келган бўлса, ҳойнаҳой бирон ёққа кетишаётгандир», деган хаёлда «менга ҳалақит берасан», деб кузатди.

Қайнонасиникига Сафар ҳам кириб, бир-икки пиёла чой ичишгач, изларига қайтишди.
— Хафа бўлмагину оғайни, опангни кўрсам юрагим сиқилиб кетади, — деди Сафар машинага ўтиргач.

Омонулло унга бир қаради-ю, индамади. Сафарнинг бу аёлга ачинганидан эмас, иргангани учун кирмаганини биларди.

Аёл бу уйда пайдо бўлганида шу атрофда яшовчиларнинг айримлари ундан ҳайиқишди, баъзилари эса ирганишди. Шу кўчада, шу уйда туғилиб униб-ўсган Бобомуроддан барча ҳайиқарди. Қамоқдан қутулиб келиб, кейин яна қамалиб кетгунига қадар биров унга юрак ютиб тик қарай олмасди. Бобомурод бу маҳаллада бировнинг чўпини олмаган, бировни чертмаган, бировни сўкмаган бўлса-да, «ўғри» деган ном билан юргани учуноқ ҳамма ҳайиқарди. Аёлдан ҳайиқишларига сабаб ҳам айнан шу эди. Аёл кўчага кам чиқарди. Чиққан маҳалида ўзига хавотир билан қараб турганларини сезса, жилмайишга ҳаракат қиларди. Ирганаётганларини сезса юзини тескари буриб оларди. Бир йили Омонулло Сафар билан кирганида опаси касаллик ҳуружидан энди ҳоли бўлиб турган пайти экан. Эси ўзига қайтгани билан рангидаги тундлик тарқамаган, паришон сочларини тарашга ҳали улгурмаган экан. Ўшанда Аёл Сафарнинг қарашиданоқ унинг ирганаётганини сезди. Улар уйга кириб ўтиришгач, хонасига ўтиб ўзига оро берди. Сўнг дастурхон тузади. Чой қуйиб аввал Бобомуродга, кейин Омонуллога узатди-да «ўртоғингизга» деб пичирлаб қўйди. Омонулло шундан сўнг Сафарнинг ирганганини ҳам фаҳмлади, опасининг одатини ҳам билди.

Ўшандан бери анча йиллар ўтди. Сафар билан яна бир неча марта келди. Ўшандан бери Сафар остонага қадар келади-ю, ичкари кирмайди. Ҳар гал «юраги сиқилиб кетишини» айтади. Сафар қанчалик яхши дўст ҳисобланмасин, мана шу каби одатлари, кибрга бандалиги Омонуллога ёқмайди. Баъзилар дўст танлаш имкониятига эга бўладилар. Баъзилар эса борига шукр қилиб юрадилар. Омонулло ана шу иккинчи тоифага мансуб. Болалар уйида орттирган дўстлари турли томонларга тарқаб кетишди. Иккитаси хасталик туфайли, учтаси эса жиноятчиларга қўшилиб қолиб бу дунёни тарк этди. Институтдагилар ҳам турли шаҳарларда ишлашади. Бирининг бўш вақти иккинчисига тўғри келмагани учун ҳам кам учрашишади. Ойда бир учрашиб турадигани — шу синфдошлари. Худо унга синфдошларни танлаб-танлаб берган. Кибрли, худбин, дарди мол-дунё бўлган болаларнинг бир синфга қандай жамланиб қолганини Яратган билмаса, бандаси билолмайди.

Буларнинг ичида хокисори ана шу Омонулло эди. Синфдошлар уни ошкора тарзда менсишмади. Булар орасида фақат Сафаргина меҳрибон эди унга. Ота-онаси ҳам Омонулло киргудай бўлса кўкрагидан итармай, ўғлининг суюмли меҳмони сифатида иззат қилишарди. Мактабни битиргач, беш-олти йилмикин, синфдошлари билан деярли кўришмади. Милитсияда ишлай бошлагач, улардан бирининг иши тушди-ю, «гап» деб аталмиш зиёфатга чорланадиган бўлди. Ўшандан бери ҳар ойнинг иккинчи пайшанбасида улар билан «гап ейди». Гарчи улар билан мактабда бирга ўқиган бўлса-да, ўзининг бу даврага бегоналигини ҳис қилиб туради. Уларнинг яшаш тарзлари, дунёқарашлари, фикрларини ҳазм қила олмайди. Айниқса кейинги пайтларда ўзини тортишга баҳона қидирадиган бўлиб қолган. Даврада ҳол-аҳвол сўрашаётганида «бола-чақалар омонми?» дейилганида унинг юраги увишадиган одат чиқарган. Ўртоқлари унга «хотининг нега туғмаяпти?» деб дашном беришмаса ҳам шу савол кўндаланг тургандай ўнғайсизланаверади. Айримлар беихтиёр равишда, саволни кимга бераётганини, оқибати нима бўлишини ўйлаб кўрмаган тарзда «бола-чақалар қалай?» дейишганда Омонуллонинг юрагидан бир томир узилгандай бўлаверади.

Ҳозир Омонулло руҳини темир исканжага олувчи давра сари борарди. Сафар ўзи келмай телефонда эслатганида бормасликнинг чорасини топарди. Отасиникига келгунича дўстига қитмирлик қилиб, кўнглини хушламоқчи эди. Сафарнинг «юраги сиқилганини» эшитиб ўзининг ҳам кўнгли хуфтон пардасига ўрала бошлади. Тумтайиб олмаса-да, гапиргиси келмади. Сафар унга қараб-қараб қўйиб:
— Мендан хафа бўлдингми? — деди узрли оҳангда.
— Сен хафа бўлишга арзийдиган одаммассан, — деди Омонулло зардали пичинг билан.
— Хўп, ҳисоб, — биру-бир. Аразлаган — ўғри, — Сафар шундай деб кафтини узатди. Омонулло руҳсиз ҳолда шапати уриб қўйди-да:
— Опам касал эканлар, — деди. — Эрталаб кириб ўтамиз.
— Бўпти, — деди Сафар жонланиб. — Зўр кабобнинг ўғил боласи мендан.
— Кабоб емасалар керак. Реаниматсияда эканлар.
— Ўзлари емасалар дўхтирлар ейишади. Дўхтирларнинг томоҚини ёғлаб турсанг, яхшироқ қарашади. Ўзингдан ибрат олмайсанми? Дўхтир нимаю милиса нима? Милисани мойламасанг — қамоққа жўнатади, дўхтирни мойламасанг, ундан ҳам баттар — нариги дунёга жўнатади. — Айтган гапи Сафарнинг ўзига хуш ёқиб, ҳузурланиб кулди. — Гапим ёқмаса ҳам кўнгил учун салгина тиржайиб қўй, ҳей «кайфитанг».

Йўлнинг қолган қисми Сафарнинг мазали-мазасиз, ёқимли-ёқимсиз ҳазиллари билан босиб ўтилди. «Гап» деб аталмиш зиёфатга барвақтроқ бориб қолишган экан, Сафар мақтаган пивонинг «додохўжаси»ни ичиб роҳатланиб ўтиришди. Уй эгаси пайтдан фойдаланиб, ўзини қизиқтирган сиёсий масалаларни ойдинлаштириш мақсадида Омонуллони гапга солди:
— «Время»ни кўрдингми, Берлин деворларини йиқитишибди-я! — деди ажаблангансимон. — Мен бултур борувдим ўша ерга. Зўр дўконлари бор эди. Улар ҳам кетганмикин?

Омонулло дарров жавоб бермади. Пивони симириб унга қараб олди. Берлин деворларининг йиқилишидан, ярим асрдан зиёдроқ айри-айри яшаган халқнинг қўшилишидан дунё нима ташвишда-ю, нима қувончда? Бунинг ғами эса деворга яқин ердаги майда дўконларда.
— Деворни нимага бузишяпти, биласанми ўзинг?— деди Омонулло ғашланган тарзда.
— ғиш-пиши керак бўлиб қолгандир ё пахса девор эканми? — деди Сафар қитмирлик билан.
— Сен жим тур, — деди уй эгаси уни жеркиб, кейин Омонуллога қараб елка қисди: — шунга ҳайронман. Туппа-тузук баланд деворлар эди.
— Каллани ишлат: ўша ерда кўрган дўконларинг кичиклик қилиб қолибди. Деворни бузиб ўрнига катта дўконлар қуришади. Иккита эшиги бўлади. Бир томондан ғарбий берлинликлар киради, иккинчисидан шарқликлар.
— Гапни ҳам эзворасан-да, а? Вей, милиса бўлмасам ҳам у-буга ақлим етади. ҳарбий Берлинни узоқдан бўлса ҳам кўрганман. У ёқда зўр «импортний» моллар бўларкан. Ана энди борадиган бўлди Берлинга.

Улфатлар бирин-сирин келишиб, «Берлин девори» масаласи сурилди. Бунинг ўрнига «беш юз кун» деб ном олган иқтисодий режа муҳокама қилиниб, бу режа эски шаҳардаги гўшт бозори талабларига жавоб беролмагани учун инкор этилгач, сомсаларни еб, шўрваларни ичишди-ю:
— Қани, кўмирхонага ўтдик,— деган таклиф билан дастурхондан пича узоқлашиб, уй бурчагида давра қу-ришди.

«Кўмирхона» — қимор ўйналадиган жой. Бир-бирига аҳил, бир-биридан жонини аямайдиган дўстлар беш-ўн тийин тикишдан бошлаб сўмларга ўтадилар. «Кўмирхона»да фаолият бошламай туриб бир-бирларининг ҳатто неча юз сўмлик қарзларидан кечиб юборадиган мард, меҳрибонлар қиморда ўн-йигирма тийин устида сўкишиб, ёқа бўғишиб кетадилар. «Гап»га кечикиброқ келган дўстларига «қалай, яхшимисан?» деб, ўтирган ерларида қўл узатиб қўя қоладилар. «Бола-чақа яхшими?» деб ҳол-аҳвол сўрашга фурсатлари ҳам, фаросатлари ҳам етмайди. Омонулло қартага уста бўлгани учун «кўмирхона»дан умрбод бадарға қилинган. Қайсидир йили Омонулло Москвага борганида тўртта бир хил кўринишдаги қарта тўплами олиб келиб, ҳар бир тўпламдаги «туз»ларни аралаштириб ташлади. Ўттиз олтита қартада тўртта ўрнига ўн олтита «туз» мавжудлигини «кўмирхона»дагилар кейинроқ билиб қолишди. Мана шу ҳазил баҳона бўлиб Омонулло жазоланди — ўйиндан тамоман четлаштирилди. У ҳатто бировга маслаҳат бериш ҳуқуқидан ҳам маҳрум эди.

Омонулло ўйин қизимай туриб Сафар билан эрталаб учрашишни келишиб олди. Ўйин «сен ғирром қилиб ютяпсан», дейдиган даражага етганда секингина туриб, чиқиб кетди.

Фитна (қотилликдан аввалроқ содир бўлган воқеа)

Омонулло Берлин деворлари қисмати ҳақида пичинг сўзларни айтаётгандан, ўртоқлари эса беш юз кунга мўлжалланган иқтисодий режани инкор қилиб ўтиришгандананча илгари, тунда, қамоқ лагерида бир фитнага тайёргарлик бошланган эди.

Нуриддин ўша куни уйидан мактуб олиб аввал қувонди, кейин кўнгли чўкди. Мактубда дилга оғир ботувчи сатрлар йўқ эди. Қишлоқдаги ҳамманинг сиҳат-саломатлиги ҳақида ёзилиб, охирида «ўртоғинг Шердор уйланяпти», деган хушхабар айтилганди. Нуриддиннинг назарида шу хушхабар ботининда онасининг армонлари яширингандай бўлди. Ҳарбийга кетаётган пайтида онасининг маъюс узори яна кўз олдида гавдаланди. Нуриддинни саккизинчи синфдан сўнг ўқитишга қўллари калталик қилди. Ҳарбийдан олиб қолишга эса ундан-да калталик қилди. Шунда ҳам ношукр бўлмай, умид билан кузатган эди. «Бирортасини хушлаб қолган бўлсанг айтиб кет, унаштириб қўяй, келишинг билан, Худо ҳоҳласа, тўй қиламиз», — деган эди. Нуриддиннинг ҳушлагани бор бўлса-да, онасига дадил айтишга журъати йўқ эди. Ўртоқлари бирин-сирин уйланяпти. Ҳар бирининг тўйида онасининг яраси янгиланади. Нуриддин онасининг шу ҳолатини кўз олдига келтириб, эзилди. Барча уйқуга кетганида ҳам у мижжа қоқмай ётди. Тун яримлаганда мизғигандай бўлди. Туш ҳам кўрди шекилли... Бироқ, бу тушми эди ё рўёми, фарқлай олмади. Назарида кўзлари очиқ эди. Дарбадар тўсатдан пайдо бўлмади, барак эшигини очиб кирди-да, тахталарни ғижирлатиб юриб келиб, унинг рўпарасида тўхтади. Ҳа, тахталарнинг ғижирлаганини аниқ эшитди.
— Ҳа, той бола, уйқу келмаяптими?

Нуриддин ажабланди: уни кичиклигида «той бола», деб эркалашганини Дарбадар қайдан билди экан?
— Сен бунда бедорсан, юртда эса барча ғафлат уйқусидадир. Озодлик истовчи қалблар муҳрлангандир. Қалбларнинг қулликка мойил эканини билурмисан, бўтам? Уйғониш фурсати келганини англаюрмисан, бўтам? Юрак қонлари ила Ватан боғин обод қилмоқни фаҳм этмасмисан, бўтам?

Дарбадар саволлар берди-ю, нечундир жавоб кутмади. Балки Нуриддиннинг бу саволларга жавоб қайтармоғига ақли қосир эканини билдими экан? У тахталарни ғижирлатиб юриб келган эди, турган ерида тутунга айландию шипга кўтарилиб кўздан йўқолди. Нуриддин бу сир-синоатни тушунолмай гаранг бўлиб ётганида маҳбуслардан бири унга яқинлашиб, елкасидан аста туртди-да, «ташқарига чиқ, кутишяпти», деб тезгина изига қайтди. Нуриддин бу ерда «ким чақир-япти, нима учун?» деган савол берилмаслигини билгани сабабли индамади. Бу ерларда чақирилдингми, бас, чиқишга мажбурсан. Яхшилик билан чақирилган бўлсанг, яхшилик билан қайтасан, тонгни ўз ўрнингда қаршилайсан. Ёмонлик қасдида чорланган бўлсанг, тўшагинг етим қолади.

Нуриддин бир неча дақиқа ҳаракатсиз ётгач, қаддини кўтарди. Баракдан сал нарида, майдон чеккасидаги дарахтга суяниб сигарет тутатаётган Тенгизни таниб, хавотирсиз равишда ўша томон юрди.
— Ҳа, Ҳамзат, — деди Тенгиз унинг саломига алик олиб, — уйқунгни ҳаром қилдимми?
— Йўқ, уйқум келмай ётувдим, — деди Нуриддин.
— Одамнинг кўнгли сезгир бўлади, ёмонликни тез пайқайди.
— Ёмонликни? Қанақа ёмонликни?
— Бу ёққа юр, — Тенгиз шундай деб уни баракнинг чироқ нури тушмайдиган қоронғу томонига бошлади. — Бир фитна тайёрланяпти. Ёмонликни бизнинг қўлимиз билан амалга оширишмоқчи.
— Бировни ўлдириш керакми?
— Бировни ўлдириш учун бош қотириб фитна ясаш шарт эмас. Бир жанжалнинг уясини кавлаб беришимиз керак.
— «Биз» деганингиз ким?
— Сен, мен, менинг атрофимдагилар, яна беш-олтита аҳмақ. Бир-икки кун ичида Янис амакингга ўхшаб Болтиқ бўйларидан келганлар ёппасига дўппосланиши керак. Улар ҳам калтак ейишлари керак, ҳам жанжал бошлаган, деган айбни бўйинларига олишлари шарт. Балки биз томондан одамлар яраланар, балки ўлар. Менга аниқ айтишмаган бўлса ҳам кўнглим шуни сезиб турибди. Агар кўнглим алдамаса, одам ўлдирилса, энг аввалида Янис амакинг кетади.

Тенгиз «Янис амакинг» деб айтаётган одам билан Нуриддин кўпинча бирга ишларди. Турсуналидан безиб, узоқлашган пайтда унга шу мулойим одам билан шерик бўлиб ишлаш маъқул келиб қолган эди. Ёши олтмишдан ошиб, кучдан қолган, баъзан хасталик ҳуруж қилганда азоб чекувчи бу одам ўзини меҳнатдан олиб қочмасди. Имкони борича ўз вазифасини бажаришга интиларди. Нуриддин кўмаклашмоқчи бўлганида «ҳар ким ўз аравасини ўзи тортиши керак», деб унамас эди. Ана шу беозор одам нима гуноҳ қилибди-ки, уни дўппослашса, сўнг эса «қотил» деган туҳмат билан айблашса...
— Гапимга тушунмадинг-а? — деди Тенгиз. — Сен жуда хомсан, бола. Ҳа, хомсан! Янис амакинг нима учун қамалган, биласанми?
— Ҳа, ишхонасида электр чойнакдан ўт чиққан экан...
— Бу бир баҳона, Ҳамзат. Янис амакинг аслида сиёсий маҳбус. Лекин бизнинг «еркин ва улуғ» Советлар мамлакатидан сиёсий қарашлар учун қамаш мумкин эмас. Унинг тажрибахонасига ўт қўйишиб, туҳмат билан қамашган. Аслида у зўр физик олим бўлган. Ватанини руслар босиб олганини очиқ айтган, халқини озодлик юришига даъват этган. Мана, сенинг ҳам, менинг ҳам юртимни руслар босиб олишган. Биз шуни очиқ айта оламизми? Йўқ. Майли, мен бир ўғриман, бунақа гапларга ақлим етмас. Сен ҳам ғўрсан, ёшсан, илми йўқ бир қовоқ калласан. Сени ҳам айблаб бўлмайди. Лекин олимман, зўрман, деб керилиб юрганларимиз айтишадими? Ё халқига юзланиб, турларинг, озодлик учун курашларинг, дейдими? Шунинг учун ҳам Янис амакингни ҳурмат қиламан. Ҳозир Москвада Янисга ўхшаганлар рус ҳукумати билан теппа-тенг олишадиган бўлиб қолишган. Назаримда улар сиёсий маҳбусларини озод этишни талаб қилишяпти. Бу ҳукуматни чақаётган энг муҳим нарса — улар Совет Иттифоқидан ажралиб чиқай деб туришибди. Москва энди уларни ширин ёлғонлари билан ушлаб туролмайди. Фитнасиз иш битириши қийин. Шунинг учун ҳамма ерда ҳар турли фитналар кўтаришга буйруқ келганга ўхшайди. Бу ердаги фитна бизнинг қўлимиз билан бўлади.
— Кўнмасакчи? Ур, деса ураверамизми? Ўғриларнинг ор-номусига тўғри келмайди-ку, бу? Сиз томондан хоинлик бўлмайдими?
— Бу гапларни қўй, Ҳамзат. Ўғрилар ҳеч қачон буларга хизмат қилмаган ва қилмайди ҳам. Гап янисларнинг тақдири устида кетяпти. Уларни урмасак бўлмайди.
— Нега? — Нуриддин ажабланганидан овозини бир парда кўтарганини ўзи ҳам сезмай қолди.
— Бақирма, — деди Тенгиз елкасини муштлаб. — Ақлингни ишлат: биз урмасак, бошқалар ўладиган қилиб уради. Аввал менга топширишди бу ишни. Кейин Кошакни ҳам чақиришди. Унга нима дейишгани номаълум. Агар йўқ, десак пайимизга тушишади. Мен-ку, бундан қўрқмайман, сендан ҳавотирдаман. Эрта-индин муддати тугайдиган аҳмақлар билан Кошак ишга киришгудай бўлса, ёмон қилади. Шунинг учун сени чақириб айтишса, ҳақиқат талашма, жиғига тегма. «Яхши бўлди, қўлим қичиб турувди», деб қўя қол. Уруш чиқса сен Янис амакингни урасан. Унга тайинлаб қўй, у бошқаларга айтсин, олишиб, муштлашиб юришмасин, қўлларига ҳатто темир қошиқ ҳам олишмасин. Фақат ўзларини ҳимоя қилишсин, бошлари билан биқинларини эҳтиёт қилишсин. Ўзинг ҳам эҳтиёт бўл. Ола-тасирда Кошакка ўхшаган бир аҳмақ сенгами ё менгами пичоқ тиқволиши мумкин. Англадингми? Бор, энди ухла.

Шу гаплардан кейин одамнинг уйқуси келар эканми? Нуриддин бир тўп чақиртиканак устида яланғоч ётгандай қийналиб чиқди. Сиёсат бобида онги паст даражада бўлган бу йигит қамоқдаги бир кекса одамнинг Москвадаги ҳукуматга қандай ёмонлик қилиши мумкинлигини билолмай гаранг эди. Ҳар қандай рақиб учун, айниқса сиёсий мухолиф учун одамнинг жисмигина эмас, балки фикри, руҳи ҳам хавфли эканини англаш мартабасига етмаган эди. Буни Дарбадар тушуниши мумкин эди. У йўқлик дунёсида, фикрлари эса муҳожирот тупроқларига сингганича қолди. Фарёд-ларини тоғу тошлар бағрига ололмади, кўзларидан оққан аламли ёшлардан замин сесканди.

Нуриддин Дарбадар билан Янис тақдирида ўхшашлик топмади. Зоҳиран шундай, у ҳақ эди. Бироқ қалблар яраси икковида бирдай эди. Дарбадар «Оҳ, Ватан!» деб жон берди. Янис ҳам шу қалб фарёди билан бу азобларга йўлиқди. Энди эса яна бир дўзах азобига ҳукм қилиниб турибди.

Нуриддиннинг изидан қараб қолган Тенгиз баракка, ётар жойига кирмади. Қамоқ лагерининг ҳамма учун мажбур бўлган қатъий қоидаларига амал қилмаслик унинг одатий ҳоли эди. Фақат ўзи эмас, балки унинг илтифотига сазовор бўлганлар ҳам бу қоидаларни бузишга ҳақли эдилар. Ана шунинг учун ҳам Нуриддин тунда баракдан, кундузи эса иш жойидан нари кетса биров танбеҳ бермасди. Тенгизнинг ўзига-ку бу ер номигагина қамоқ эди. У «ўзига хон, ўзига бек» бўлса-да, босар тусарини билмай қадам босмасди. Қамоқ лагери ҳожаларига бўйсунмагандай юрса-да, улар томондан тасодифий зарбани кутиб яшарди. Бу оқшом Янисларга уюштирилаётган фитна уни сергак торттирди. Қамоқ лагери бошлиғининг муовини чайналиб, гапни айлантирди. «Юқоридан буйруқ келганини, бажаришга мажбур эканини» афсус билан айтди. Аслида «янисларга ҳеч бир даъвоси йўқлигини» билдириб қўйишни ҳам унутмади.

Тенгиз юқоридан буйруқ келгач, бу бечораларнинг бажаришга маҳкум эканликларини яхши биларди. Шунинг баробаринда «улуғ оғалар»нинг кичикроқ халқлар вакилларига зуғум қилишдан лаззат олишлари ҳам маълум унга. Янисларга қарши фитнани улар афсус билан эмас, билъакс, роҳат билан, бажонидил бажарадилар. Агар бу буйруқ ўзлариникига нисбатан бўлсами, чиндан ҳам афсусда қолишлари муқаррар.

«Бугун — янислар, эртага кимлар? — деб ўйлади Тенгиз, — балки мендирман, балки озарбайжонлар...»

«Тенгиз ўлимдан қўрқмайдиган мард ўғридир», демоқлик таърифнинг кўпигидир. Чунки одамга, ўғрими ё тўғрими, фарқи йўқ — жон ширин! Қамоқдами ё эркинликдами, йигитми ё чолми, фарқсиз ўлароқ, яшагиси келаверади. Қамоқ лагери раҳбариятининг илтимосини қабул қилиши, Нуриддин айтганидек, у учун иснод эди. Ҳалоллик ила мулоҳаза қилинса Мурик билан унинг орасида фарқ чегараси сезилмас эди. Тенгиз буни билгани учун ҳам, бошқа чораси бўлмагани учун ҳам ўзича эзилди. Бу масалани «политбюро»га қўйган тақдирда ҳам «блаткомитет»нинг маъқуллаши аниқ эди. Улар буни «ҳукуматга хизмат қилиш» эмас, «ўғрилар оламини даҳлсиз сақлаб қолиш» деб таърифлаган бўлишарди. Бу шундай ғалати оламки, уни бир қалъа тасаввур этилса, кираверишидаги арк пештоқига «Ҳарна қилсанг қилавер, ва ижозатимизсиз ҳеч нарса қилишинг мумкин эмас», деган шиор ёзиб қўйса ҳам бўларди. Бу олам арки жуда ҳашаматли, фусункор. Бокира қиз каби ўзига чорлайди. Қизнинг ҳуснидан баҳраманд бўламан, кираману чиқаман, деган хуштор одам эса янглишади. Чунки бу бокира кўринишидаги олам эшиги биттагина. Кирмоқ бору, ўз оёқлари билан юриб чиқмоқ йўқ. Ортга фақат тобут ичида қайтилади.

Тенгиз бу ҳақиқатни аввалдан биларди. Бу олам унинг кўзларига бокира бўлиб кўринмаган. У бор фасодларини, мавжуд ботқоғу балчиқларини билгани ҳолда қадам қўйган бу оламга. «Бир бошга — бир ўлим бўлгач, қаерда ва қандай ҳолатда жон беришнинг нима фарқи бор? Энг муҳими — дунёдан кўнглинг талаб қилган даражада лаззатланасан, дунёдан ўзинг истаганча қасос оласан». Тенгиз кашф этган фалсафа мағзи шу эди. Аммо бу «фалсафа»га зид ўлароқ, кўнгил ўтмиш ҳаётини қўмсаб турарди. Шунда у икки кемага икки оёҚини қўйгандай ҳис этади ўзини. Бу ҳолатда узоқ суза олмаслигини, ғарқ бўлажагини билади. Билса-да, ҳолатини ўзгартирмоқни истамайди.

Тенгиз кимсасиз майдон четида жунжиккандай қунишиб турди-да, тўртинчи баракка бориб, Кошакни чақиртирди. Кошак майкачан чиқиб, Тенгизга яқинлашгач оғзини баралла очиб эснади. Димоғидан уфурилган қўланса ҳиддан Тенгиз афтини буриштирди. «Хўжайин бўктириб ичирибди-да», деб ўйлаб ғашланди.
— Нима дейсан, Княз? — деди Кошак жунжикиб.
— «Энзе»1дан ол, уйқу қочди, — деди Тенгиз ҳам ҳомуза тортиб.

Кошак «менда йўқ», демоқчи бўлди-ю, Тенгизнинг ўткир нигоҳига қарши бора олмай, ичкарига қайтди-да, уч кесим колбаса билан ярми ичилган ароқ шишани кўтариб чиқди. Тенгиз чиндан ҳам ичгиси келаётган одам каби шишани унинг қўлидан тортиб олиб кўтарди. Кошак узатган колбасани олмай «куф» дегач, лабини кафти билан артиб қўйди.
— Кошак, кўнгил Сочини, Ялтани қўмсаяпти. Денгиз... Соҳил... Жононлар... ресторанлар... — Тенгиз шундай деб яна икки қултум ичди.

Шу турганича ароқни аста-секин ичиб бўшатиш асносида гапни чувалади. Кошак чақирилган заҳотиёқ «Княз хўжайинларнинг гапини сўрайди», деб гумон қилган эди. Бироқ унинг кутгани бўлмади: Тенгиз чақирув сабабини сўрамади. Ароқ кўнгил тафтини босгандай бўлгач, хайрлашиб, ўзи ётадиган баракка қараб кетди.

У Нуриддин каби ухлай олмай қийналмади. Ароқнинг қуввати аллалагандай бўлиб, киприкларига уйқу қўна қолди.

Нуриддин эртаси куни чекиш баҳонасида дам ола-ётган Янисни кутилажак офатдан хабардор этди. Янис Нуриддин кутганидек сапчиб тушмади, Ғазабланмади ҳам. Шимолликларга хос совуққонлик билан ўзгаришсиз ўтираверди. Нуриддин бу фитнада ўзининг иштирок этиши мумкинлигини айтмади. Аксинча:
— Сиз хафа бўлманг, биз сизни ҳимоя қиламиз, — деб унинг кўнглига далда бергиси келди. Бу шунчаки манзират эмас, йигит қалбининг аҳди эди. Уйқусиз кечган тун уни шу қарор билан тонгга етказган эди. Тенгизнинг огоҳлантиришига қарамай, шу мақсадда тўхталди.
— Йўқ, Нуриддин, керакмас,— деди Янис,— қамоқда ҳар бир одам ўзини ўзи ҳимоя қилиши керак.
— Одам одамга бўри бўлиб яшаши керак, демоқчимисиз?
— Бўрими...— Янис шундай деб кулимсиради. Унинг бу ним кулгуси қувонч ели билан эмас, афсус шамоли билан уйғонган эди. — Бўриларни камситма, Нуриддин, агар одамларда бўри туйғуси бўлсайди, одам бошқача яшарди.

Нуриддин Яниснинг бу гапларини фаҳм этмади, тушунмаганини яширмай сўради:
— Одамлар бўрига ўхшаса дейсизми?
— Ҳа, бўрига ўхшаса... Бўрилар одамлар каби бир-бирларини ғажимайдилар. Улар аҳил яшайдилар. Улар озодликларини ҳеч нимага алишмайдилар. Бундай аҳиллик, бундай мағрурлик бошқа ҳеч бир жонзотда йўқ. Сен тсиркда бўрини ўйнатганларини ҳеч кўрганмисан? Ҳа, кўрмагансан. Филдан тортиб илонгача бир луқма овқат учун инсонларга масхара бўлади. Фақатгина бўри бўйсунмайди. Сен туркийлардансан. Аждодларинг эътиқод қилган рамз нима бўлган, биласанми?

Нуриддин айбдор одам каби нигоҳини олиб қочиб, елка қисиб қўя қолди.

  

— Қурт, яъни бўри. Туркийлар байроғида бўри тасвири бўлган, деб эшитганман. Туркийлар қадимда шундай эрксевар бўлган эканлар. Э, у замонлар ўтиб кетди. — Янис шундай деб хўрсинди. — Биз ҳам озодлик севучи халқмиз. Мен бу қамоқни назарда тутаётганим йўқ. Менингда, сенингда ватанинг улкан бир қамоққа айлантирилган. Бизларнинг юртдошларимиз эса тутқунлар. Менинг халқим тутқунликка кўникиб яшайдиган тоифадан эмас. Сен ҳозир «Янис амакимга янгилик айтдим», деб ўйлаяпсанми? Мен шундай бўлишини кутардим. Бугун бўлмаса эртага албатта қилишарди шу ишни. Сени бўлмаса бошқаларни ёллашарди. Нафсга қул бўлганлар озми бу дунёда?
— Мен ёлланганим йўқ, — Нуриддин шундай деди-ю, аммо унга тик қарай олмади.
— Мен шунчаки мисол тариқасида айтяпман. Сен билан биз икки томонлама маҳкуммиз. Бундан қутулармиз, бироқ Ватан тутқунлигичи? Сен «буларни нима учун қийнашаркин?» деб гаранг бўлаётгандирсан? Билиб қўй: биз учун дунёда энг ширин сўз — озодлик! Улар шу сўзни айтувчи тилларни кесадилар. Эркин нурга ташна кўзларни ўйиб оладилар. Бунга ажабланмаслик керак. Ахир сен мол сўйган қассобга қараб ажабланмайсан-ку? Нуриддин, сен ҳали ёшсан, кўп нарсаларга тушунмайсан. Тутқунликда туғилганинг учун кўзларингни оча олмайсан. Мен эсам ватанимнинг қандай тутқун бўлишини ўз кўзларим билан кўрдим. Бир тасаввур қилгин-а, қассоб ўз онангни кўз олдингда бўғизласа... Мен ана шундай одамман. Ўлганимдан сўнг юрагимни тилиб, очишса, қон ўрнида зардоб кўришади. Сизлар буни тақдир дейсизлар. Биз эса бунга муроса қила олмаймиз. Мен, агар билсанг, шу азобларга дуч келганимдан хурсандман. Уйида қорин ғамида ётган туйғусиз одам қаторига тушиб қолмаганимдан қувонаман. Ўлиб кетсам ҳам ранжимайман, ахир руҳим озод тарзда қолади-ку? Агар менинг ўлимим ватаним озодлик онларини бир дақиқага ҳам яқинлаштира олса минг-миллион мартабалаб қайта-қайта ўлиб беришга розиман. Агар билсанг, ер юзидаги ҳамма жонзотлар ўз уясини қадрлайди, ҳимоя қилади. Биз эса... шуларчалик ҳам эмасмиз, менинг армоним шу халос. Овқат ейишни биламиз, кийинишни биламиз, маишатни биламиз, чиройли сўзлашга устамиз, аммо Ватан қадрини билмаймиз. Уйимизга ўғри тушса дод соламиз, Ватанни таласалар индамаймиз. Сен буларни тушунгин, Нуриддин. Бу ердан чиқиб борганингдан кейин сен ҳам қорин ғамига тушиб қолмагин. Улар бизларни худди трамвай каби ўз изларидан юрмоғимизни, улар истаган ерда тўхтаб ўтмоғимизни хоҳлайдилар. Биз трамвай эмас, унутма, бизлар эркин қушлармиз. Қани эди, бургут бўла олсак...

Нуриддин бу гапларни эшитиб, ажабланди. Бугунми ё эрта-индинми бошига кулфат ёғилай деб турган одам ўз қайғусини ўйламай, шу гапларни айтиб ўтирса. Кулфатни тик туриб қарши олиш — мутеликми ё мардликми? Алҳол Нуриддин бу саволга жавоб топа олмади. Шундан сўнг қўли ишда, хаёли эса Янисда бўлди. Ўзи истамаса-да, беихтиёр равишда унга тез-тез қарайверди. Нуриддиннинг ҳолатини англаган Янис сир бой бермай, совуққонлик одатига хилоф қилмаган тарзда иши билан машғул бўлаверди. Яна бир чекиш баҳонасида ҳордиқ чиқаришаётганда:
— Шарқликларнинг жуда зўр ҳикояси бор, айтайми, эшитасанми? — деб қолди. Нуриддин Яниснинг индамай ишлаётганидан сиқила бошлаган, ҳозир ҳикоя айтадими ё бошқа бир балоними, унга фарқсиз, шериги гапирса бас эди. Шу боис «айтинг», деб дарров кўна қолди.
— Тақдир деган бир одамнинг фаҳм-фаросатда тенги йўқ, оқила ва гўзал қизи бор экан. Тақдир қизига қараб: «Ақл, Давлат ва Умид деган уч одамдан совчи келяпти, қайси бирига рози бўласан?» деб сўрабди. Шунда қиз: «Дада, ақл — инсондаги энг улуғ фазилатдир, Ақлга суяниб туриб дўстни душмандан, ҳушёрни девонадан фарқлаш мумкин. Лекин ақлнинг бир айби бор: кишини чалғитиб, хатарли йўлларга солиб қўйиши мумкин. Давлат эса ҳам ишбилармон, ҳам ҳукмдордир. Лекин Давлат ҳеч қачон, ҳеч кимга вафо қилмайди. Мен Умидни ихтиёр қиламан. Чунки Умид ҳеч қачон Инсонга хиёнат қилмайди, ундан ажралмайди. Бутун жаҳон ундан манфаатдор», деган экан. Биз ҳам ўша Тақдирнинг доно қизига ўхшаб Умидни танласак, адашмаймиз.

Яниснинг бу гаплари Нуриддинга қизиқарли, айни дамда сирли туюлди. Шу сабабли яна қайтаришни илтимос қилди. Янис энсаси қотмасдан, бу сафар соддароқ қилиб тушунтирди. Гарчи у Тақдирнинг доно қизи каби Умидни танладим, деган бўлса-да, аслида ўзи бирданига икки эрни ихтиёр қилган қиз каби эди. У Умиддан аввал Ақлни танлаган эди. Ақл уни шу ҳолатга солди, энди эса «кўз очиб кўрганим — Умид», деб ўтирибди.

Оила

Эшик қўнғироғининг асабий жиринглашидан уйғонган Омонулло дарров соатига қаради. Телефон ишламай қолган кезлари ҳамкасблари ярим кечами ё эрта тонгми, чақириб келаверишарди. У ўзи ишлайдиган соҳада вақтида ҳордиқ чиқариш ёки байрамларда дам олиш йўқлигига аллақачон кўникиб кетган. Қаторасига икки кун ухламай, энди кўзи илинганда чорлашганида ҳам индамай туриб кетишга одатланган. Ҳозир ҳам тезда кийиниб, эшикни очди-ю, Сафарни кўриб, ажабланди:
— Ҳа, сўфи таҳорат қилмай келибсан? — деди норози оҳангда.
— «Кўмирхона»дан энди турдик. Ўйин жа-а қизиб кетди. Уйга бормай, тўғри сеникига келавердим, — Сафар шундай деб, таклифни кутмаёқ остона ҳатлаб ичкари кирди. — Сен ҳам эркакларга ўхшаб «гап»нинг охиригача ўтирсанг, биллалашиб келардик.
— Агар «гап»да ўтиришларинг ҳисобга олинмаса сенларнинг эркак эканликларингни билиб ҳам бўлмайди, — Омонулло шундай деб ювиниш мақсади-да ён томон ўтди.
— Менга қара, ҳов эркак, — деди Сафар, — ма, калитни ол, хоҳласанг мен уйингда ёта қоламан, раёнингга ўзинг бориб кел.
— Бирга борамиз, — деди Омонулло. — Мени ҳимоя қиласан. Мабодо сени ҳам ўлдириб қўйишса, баҳонада битта медалли бўлиб кетасан бу дунёдан.
— Сен учун ўлиш биз учун шараф, окаси, — деди Сафар, кинояга киноя билан жавоб бериб. — Ўлишдан олдин бир ухлаб олмасам бўлмайди. Мен машинада ётаман, уйғотма. Қоғоз халтага у-бу солиб беришган. Хоҳласанг, е-ич.

Омонулло ювиниб, енгил тамадди қилиб олгач, кўчага чиқди. Орқа ўриндиқда икки букланиб ётган Сафарнинг ҳуррагини ташқаридан ҳам бемалол эшитиш мумкин эди. Машина ўрнидан силжигач, у бир силкиниб, кўзларини ярим очиб қараб қўйди-ю, уйқуни келган еридан давом эттираверди.

Сафарнинг бу қадар барвақт келиши, орқа ўриндиқда ухлаб ётиши Омонулло учун маъқул келди. Сафар кўнглига яқин дўсти бўлса-да, унинг баъзида меёридан ўтувчи сафсаталари меъдасига тегиб кетарди. У касалхонага ўтиб, тутинган отасининг уйқусизликдан киртайиб, қизарган кўзларидан опасининг аҳволи унча яхши эмаслигини тушунди. Кечки пайт яна хабар олишини айтиб, Матлуба Тўхтаева билан учрашиш ниятида чўлга қараб йўл олди.

Кўчада ҳаракат сийрак бўлгани учун машинани елдек учирди. У Матлуба билан бўлажак учрашувни, беражак саволларини хаёлида яна бир пишириб олгач, кечаги учрашувни беихтиёр тарзда эслади. Омонулло Адолатни кузатиб қўйгач, доктилоскопист билан суҳбатлашиб, айрим нарсаларни янада аниқлаб олди-да, Самандар Очиловнинг биринчи хотини билан учрашишга отланди. Мелс Хўжаев ёзиб берган манзилга бориб қўнҚироқ тугмасини босди. Эшикни қорачадан келган, юзлари лўппи, кўзлари кулиб турувчи истарали аёл очди. Пастга тушишга ҳаракат қилаётган жингалак сочли ширингина ўҚилчасини баҚрига маҳкам босганича кутилмаган меҳмонга «Келинг?» деб савол назари билан қаради. Омонулло ўзини танитгач, «адамиз уйда йўқ эдилар», деди узрли оҳангда. Омонулло уйга кирмоққа ижозат йўқлигини англаб, остонада гаплашиб қўя қолди. Самандарнинг биринчи хотини табиатан камгапмиди ё савол-жавобларга ҳуши бўлмадими — Омонулло билолмади. Аёлдан ишга асқотадиган янги гап ҳам ололмади. Ажралишганларидан сўнг бир йил ўтгач турмуш қурган аёл биринчи эрини ўшандан бери кўрмаган, уйланганини эшитмаган ҳам эди. Ажралиши сабабини эса бир оз қийналиброқ айтди. «Фарзандсизликдан...» — деб ерга қаради. Омонулло «Очилов фарзанд кўролмайдиган эркак эканми?» деб ўйлади. Бу ўйни ўқигандек аёл унга изоҳ берди: «Фарзанд кўришдан қўрқардилар... Уруш бўлиб қолса болалар азобланади, деб чўчирдилар. Хаёлларида эртами индинми уруш бошланиб, ҳамма ёқни атом бомба босадигандек эди.

Биринчи ҳомиламни олиб ташлаттирмоқчи бўлдилар. Мен унамадим. Туғилганида хурсанд бўлдилар барибир. Лекин... хавотирлари кўтарилмади... Боламизнинг умри қисқа экан, атом бомбасиз ҳам бизни ташлаб кетди... Кейин шу масалада барибир чиқиша олмадик. Ўзлари жуда яхши одамлар, чивинга ҳам озор бермайдилар... Лекин хаёллари ғалати...»

Омонулло хайрлашиб қайтар маҳалида ҳам бу гапларни кўп ўйлади. Бунақа тоифани учратмагани учун Самандарнинг қилиғига сира тушунмади.

Ҳозир чўлга, Матлуба билан учрашувга ошиқаётган дамда ҳам кечаги суҳбатини эслаб, тушунишга уринди — уддасидан чиқолмади...

Сафар то манзилга қадар, тўғрироғи, машина қишлоқнинг нотекис кўчаларига кириб чайқала бошлагунга қадар уйҚонмади. Аввал депара вакили билан келган Омонулло Матлубанинг уйини қийналмай топиб борди.

Мактабга отланган болаларини кузатиб чиққан Матлуба ёнгинасида тўхтаган машинага хавотир билан қаради. Кейинги ойлар ичи унинг юраги қуш ҳадиги билан урадиган бўлиб қолган эди. Ҳовлидаги мусичалар бехос патиллаб уришиб кетса ҳам, томдаги мушуклар миёвлаб, тунукаларни тарақлатиб югуриб қолишса ҳам, қўшнининг эшаги ҳанграб юборса ҳам бир титраб оларди. Бемаҳалда кўчадан машина овози келса «илойим тўхтамасин», деб юрак ютиб ўтирарди. Машина тўхтагудай бўлса, юраги ҳам уришдан тўхтагандай бўларди. Бу тун кўчаларидан икки марта машина ўтиб уйқулари ўчиб кетган эди. Ўша ваҳмдан қутулмай туриб, ёнгинасида шаҳарнинг машинаси тўхтади-ю, росманасига чўчитиб юборди.

Омонулло эшик оғзида турган Матлубага ўзини танитишга улгурмай, Сафар ҳам машинадан тушиб, унга яқинлашди. Думалоқдан келган, жингалак сочли, бўйнига ҳам, ўнг билагига ҳам тилла занжир осиб олган Сафарга Матлуба хавотир билан қаради. Сафар унинг хавотирли нигоҳини англамай, томдан тараша тушгани каби:
— Опа, хожатхона қаерда? — деб сўради.

Омонулло дўстининг бефаросатлигидан ранжиб, унга норози қиёфада қараб олди-да, Матлубага узрли оҳангда:
— Бу менинг оғайним, узоқ йўлда ҳамроҳ бўлиб келди, — деди.

Матлуба «Милисанинг ўртоғи шунақа бўладими?» дегандай Сафарга яна бир қараб олиб, ҳовлиси томон чекинди-да, этак томонни имлаб кўрсатди.
— Аввалги куни ҳам келган эдим, йўқ экансиз? — деди Омонулло.
— Ўа, ҳа, эшитдим келиб-кетганингизни. Мен... шаҳарда эдим. Дадамнинг маросимлари бор эди.

Омонулло Адолатнинг сўзларини эслаб «Ростми?» дегандай қараб тураверди.
— Келинг, ичкари киринг, — Матлуба шундай деб айвон сари йўл бошлади.

Омонулло лиқиллаб турган, аммо битта одамни кўтаришга ярайдиган стулга омонат ўтирди. Иккинчи стулни Матлуба эгаллаб, қайнонаси олдида мулзам бўлган келин каби бошини қуйи эгиб, бармоқларига тикилиб қолди. Омонулло эса атрофга шошқич разм солиб «директорнинг уйи ободроқ бўларди, мулкини мусодара қилишганми ё беркитиб улгуришганми?» деб ўйлаб қўйди.
— Акамдан хат-хабар борми, тинчмилар? — Омонулло ўзининг нима мақсадда келганини билдириб қўйиш учун гапни шундай бошлади. Матлуба эса «милитсия бекорга суриштирмайди», деган хавотир билан титроқ овозда:
— Кимни сўраяпсиз? — деди.
— Хўжайинингизни сўраяпман, — деди Омонулло янада самимий оҳангда.
— Хўжайинимнинг яна чала ишлари қолган эканми? — Матлуба шундай деб унга ўғринча қараб олди. — Қамасаларинг ҳам тинч қўймас экансизлар-да, а?

Омонулло Адолатнинг гапларини эслаб:
— Мендан олдин ҳам сўраб келишувдими? Ким эди, қачон келди, нимага келишди? — деб сўради.

Матлуба унга ялт этиб қаради-да, «атай синаш учун сўраяпсизми, ростдан билмайсизми?» деган савол муҳрланган нигоҳини унга қадади. Матлуба сўнгги тинтувда «юрагим ёрилиб ўлиб қолсам керак», деб ўйлаган эди. Дастлаб кўринганда нафратини қўзғотган Хурсанали ўшанда жонига оро кирганди...

... Ўшанда болалари эндигина уйқуга ётишган эди. Кўчада, уларнинг дарвозалари ёнида машина тўхтади, аммо мотори ўчирилмади — Қириллаб тураверди. Жинғироқ ишламас эди, машинадан тушган одам дарвозани қаттиқ тақиллатди. Матлуба ўрнидан туриб ташқарига чиқишни ҳам, чиқмасликни ҳам билмай турганда ташқаридан «Матлуба!» — деган овоз келди. Матлуба овоз эгасини таниб, ҳам енгиллик, ҳам хавотир билан ўрнидан турди. Ташқарида совуқ изғирин эканини унутиб, эгнига палтосини илмай ҳовлига чиқди. Бесабр Сарвар эса яна дарвозани тақиллатиб, бу сафар «опа!» деб чақирди. У камдан кам ҳоллардагина «опа» дерди. Унинг бу сафарги лутфининг сабаби дарвоза очилгач билинди: Сарварнинг ёнида Хурсанали турарди. Бегонанинг ҳузурида «опа» дейишга мажбур бўлганини Матлуба тушунди.
— Вой, тинчликми? — деди у бир қадам ортга чекиниб.
— Тинчлик, — деди Сарвар ичкарига қадам бо-сиб. — Болаларингни кийинтир. Фақат ҳовлиқма, лекин тез бўл. Нима гаплигини кейин айтаман.

Сарвар Хурсанали билан ичкари кирди-да, айвон зинасига етганда опасидан «Подвалнинг чироғи борми?» деб сўради. «Ҳа», деган жавобни эшитгач, «Йўқ!» деб буюрди.

Айвон зинасининг ён томонидаги пастқам эшикни очиб, Сарвар, кетидан Хурсанали ертўлага тушишди. Айвон энсиз бўлгани учун тўсинларнинг белига тиргак қўйилмаган эди. Бир оз эгилган ҳолда катта уй ертўласига ўтдилар: Хурсанали олинган хабарда баён қилингандек еттита устун санади-да, ўртасидагисига яқинлашиб, энгашди:
— Шу ерда бўлиши керак, — деди батартиб терилган ғиштлар устига кафтини қўйиб. — Теша олиб тушинг, опангизни ҳам чақиринг, тушунтириб қўяй.

Сарвар «хўп», деганича шошилиб чиқди-ю, дам ўтмай калта сопли эски тешани кўтариб қайтди. Хавотирданми ё совуқданми титраётган Матлуба унга эргашиб келди.
— Опахон, хўжайинингиз у ёқда гуллаб қўйибдилар: шу устун тагида хазина бормиш.

Матлубанинг хаёли ёришиб, «шу ерга кўмилган эканми, айтиб ҳам кетмабди-я, у ғаламис. Энди буларга ем бўладими?» деган фикр ўтди. Тили эса:
— Хазинасини ер ютсин, — деди.
— Хазина бўлса, ер ютмасин, опа. Хазина бўлса, одамларнинг кунига яраши керак. — Хурсанали шундай деб гапирганича устунни дам юқорисига, дам пастига уриб-уриб силжитди-да, сўнг ғиштларни аста кўчирди. Кейин икки қаричча қалинликдаги тупроқни тешада таталаб чиқарди. Тешанинг учи тахтага теккач, тупроқни кафтлари билан сидирди. Ҳали чиришга улгурмаган тахтақопқоқ тутқичидан ушлаб кўтарди. Ке-йин яна бир қарич қалинликдаги тупроқни олди. Иккинчи ёғоч қопқоқни ҳам кўтаргач, бир жомадон бемалол сиғадиган ўра кўринди. Номи хазина бўлган бу ўра бўмбўш эди.
— Акахонга беш кетдим: алдабди, — деди Хурсан-али қаддини кўтариб. — Бир-иккита хариф хазинанинг исини олиб, поччакамизнинг кекирдакларига чанг солган экан, шу ерда, деб гуллабди у аҳмоқ. Аҳмоқ деганимга хафа бўлманг, опахон, бугун-эрта хазина бор бу ерда, деб лақиллаб келиб қолишади.
— Ким?
— Кимлигини Худо билади. Лекин келишлари аниқ. Агарда бу ерда ҳеч нарса топилмаса, аввал сизларга қийин бўлади. Акахон эса, чиққан жойларига кириб кетаверадилар.
— Қурибгина кетсин, шу бойлигиям! Ўлар бўлсам ўлиб бўлдим! — деди Матлуба йиғлаб.
— Тўхтанг, опахон, ўлмай туринг. Аввал бу ишларни бир ёқлик қилиб олайлик. Ҳозир ҳаммамиз кетамиз. Болаларингизни укангизникига ташлаб, эрталаб қайтиб келасиз. Сарвар ҳам бир-икки кун сиз билан шу ерда туради. Биз ҳам шу атрофда бўламиз. Ишни бехит қилиш керак. Мабодо ишкал чиқса, ўзимиз тинчитамиз. Опахон, мана бу суратга қараб, яхшилаб таниб олинг бу таъвияни, — Хурсанали ички ён чўнтагидан сурат чиқариб кўрсатди. — Чап оёғи калтароқ бу одамнинг. Сўрашса, энг аввало чўлоқлигини айтасиз. Чап қулоғининг ярми йўқ, бурни пачоқ. Гапирганда пишиллайди. Нима деганини ўриси ҳам, чулчити ҳам тушунмайди. Панжалари катта-катта, меникига иккита келади. Хуллас, бир куни кечқурун шу чўлоқ бадбашара бостириб кирган. Ёнида бир малла хотин ҳам бўлган. Пичоқ чиқариб, дўқ урган. Сизни болаларингиз билан бирга уйга қамашган. Подвалда бир нималарнинг тақиллаганини эшитгансиз. Улар индамай кетишган. Сиз подвалга тушишга қўрқасиз ўшандан буён. Шуларни айтсангиз бас.
— Ким ўзи бу? — деди Матлуба титроқ овозда.
— Кўнглингиз айниса ҳам бу тавияга яхшилаб тўйиб олинг. Уч-тўртта суратга аралаштириб кўрсатишлари мумкин. Таниб олишингиз шарт. Адашманг. Бу одам хўжайинингиз билан зеквагон1да бирга бўлган. Зонага борганда қочган. Бу томонларга келиб ишкал чиқарувди, ўзимиз тинчитиб қўя қолдик. Хитлар буни билишмайди, қидириб юришибди ҳали ҳам. Хазинани шу олган, десак, сиз ҳам тинчсиз, у ёқда акахонга ҳам чивин қўнмайди. Биз сизни ҳимоя қиламиз, деб шартлашганмизми, демак, сизни бировнинг чертишга ҳам ҳаққи йўқ, — Хурсанали чўнтагидан танга чиқариб кафтига қўйди. Матлуба буни аввал беш тийинлик деб ўйлади. Синчиклаб қараган эди, Николай подшонинг тилла тангасини кўрди.
— Тоза тилла, — деди Хурсанали изоҳ бериб. — Сиз учун қурбон қиламиз.

Танга ўра остига терилган пишган ғишт устига тушиб, жиринглади, хира чироқ нурида ожиз товланди. Сўнг устига бир сидра тупроқ ташланиб, қопқоқлар аввалгисидай қилиб беркитилди.
— Опахон, сиз чиқиб болаларингизни кийинтираверинг. — Хурсанали шундай дегач тупроқни тортиб, оёқлари билан шиббалади, ғиштларни батартиб терди, устунни жойига ўрнатди.

Улар кутган меҳмонлар узоқ куттиришмади — эртасигаёқ келишди. Лагер телетайпининг тезлиги шу ўринда иш берди. Келганлар ўзларини «СССР прокуратурасиданмиз», деб таништиришди, ҳужжатларини ҳам кўрсатишди. Уйни тинтишди. Сўнг «ҳар эҳтимолга қарши ертўлани ҳам кўриб қўяйлик», деб пастга тушишди. Матлуба ўзини босишга қанча тиришмасин, уларнинг мақсадларини аввалдан билгани учун ҳам титрайверди. «Тинтувга рухсатномангиз қани? Иккита холис гувоҳ қани?» деган талаб эса хаёлига ҳам келмади. У-ку, хотин киши, хавотирда ўзини йўқотади. Опасига далда бериши лозим бўлган Сарвар ҳам довдираб қолди. Бир оздан сўнг уларни пастга чақиришди. Ўртадаги устун атрофини, сочилган тупроқни кўздан кечираётган қиррабурун:
— Бу ерда нима бор? — деб сўради.
— Билмасам, — деди Матлуба. — Қўядиган нарсамиз кўпам йўқ, ҳадеб тушавермайман бу ерга.
— Бу ер кавланган. Нега кавланган? — деди қиррабурун қаддини ростлаб.
— Билмадим.. балки...
— Нима балки?
— Айтаверайинми?
— Бизни чалғитишга уринманг, биз ҳаммасини биламиз.
— Билсангиз... айтмай қўя қолайми?
— Билганларингизни гапиринг!
— Билганларим... Анча вақт ўтди-да... куз пайтида эди, кечаси бир эркак, бир аёл уйимизга бостириб киришди. Дарвоза қулф эди, ҳовлига қандай тушишганини билмайман. Эркаги чўлоқ экан. Виш-виш қилади, гапига тушунмайман... — Шу зайлда Хурсанали ўргатган гаплар айтилди. Улар ишониб-ишонмай бир-бирларига қараб қўйишди.
— Милитсияга хабар қилдингизми? — деб сўради қиррабурун. Бунақа савол Хурсаналининг режасида йўқ эди. Шу сабабли Матлуба довдиради.
— Милитсияга нима учун хабар бермадингиз? — деди бу сафар қиррабурун дағаллик билан.
— Милитсияга айтсанг, ўлдирамиз дейишган, болаларни ҳам... — Матлубанинг тилига келган бу гапдан улар қониқишиб, бошқа нарса сўрашмади. Уларнинг буйруғи билан Сарвар устунни четга сурди, ғиштларни кўчирди, тупроқни сурди, қопқоқларни очди. Очди-ю, «агар титишмаса танга қолади», деб умид қилди. Қиррабурун бўш ўрага бир оз қараб турди-да, сўнг энгашиб, бармоқлари билан тупроқни титиб, тилла тангани топди. Қаддини кўтармай туриб тангани чироқ ёруғига тутди, тишлаб кўрди. Кейин яна тупроқ титди. Сўнг кетишди. Эртасига қиррабуруннинг ўзи келди. Бешта одамнинг суратини кўрсатди. Матлуба Хурсанали кўрсатганни таниди. Таниди-ю:
— Фақат битта жойи ўхшамайди, — деди.
— Қаери? — деди қиррабурун унга қаттиқ тикилиб.
— Қулоғининг ярми йўқ эди. Ё бу эски расмимикин?

Қиррабурун суратларни чўнтагига солиб «хайр» ҳам демай изига қайтган эди...

Ҳозир Омонуллонинг «ким эди, қачон келди, нимага келди?» деган саволи ўша воқеани чақмоқ умричалик лаҳзада эслашга мажбур этди. Эслади-ю, аммо сиртига чиқармади: Хурсаналининг амрини бажарди.

Омонулло суҳбатини бошламай, Сафар келиб айвон панжарасига ўтириб олди. Матлуба унга қараб қўйиб, ўнғайсизланди.
— Сафар, калит машинада қолибди, — деди Омонулло маънодор оҳангда.

Сафар дўстининг мақсадини англаб, ўрнидан турди-да, кўчага чиқиб кетди. Ранжиганини сездирмади, аммо ичида дўстини авра-астарини ағдарар даражада бўралаб сўкди.

Омонулло арқонни узун ташлади. «Турсунали Тўх-таев билан қачон танишгансиз, қачон турмуш қургансиз, болалар...» каби саволларга олинажак жавоблар у учун муҳим эмасди. Шу сабабли «бу аёл тўғри гапир-яптими ё йўқми?» деб таҳлил этмади. Матлуба тўғри жавоблардан чекиниб, ўзи истаган гапларнигина айтмоқчи бўлаётгани билан қармоқдаги хўракка алданажагини билмас эди. У Нафисанинг ўлимидан хабар топгани билан, ўзининг бу фожиага алоқадор деб гумон қилинаётганидан, Омонулло айнан шу иш туфайли келганидан бехабар эди. «Эримни қамаб ҳам тинчишмас экан», деган фикр уни чалғитиб қўйганди.
— Саволимга жавоб бермадингиз, опа, мендан олдин ҳам биров келдими? — Омонулло аёлдаги саросимани сезгани учун саволини такрорлади.

Хурсанали бўлиб ўтган тинтувнинг «исини чиқармаслик»ни тайинлагани сабабли Матлуба сир бой бермаслик учун нигоҳини олиб қочди.
— Адамизни ушлашганидан бери нечтаси келиб, нечтаси сўроқ қилди, нечтаси тинтди. Ҳисоби йўқ буларнинг. Ўлар бўлсам ўлиб бўлдим. Адамизнинг айблари бор экан, қамадилар. Бизнинг гуноҳимиз нима? Болаларимнинг гуноҳи нимада? Айбимиз бўлса, бизларни ҳам қаманглар, отинглар, — Матлуба шундай дегач, йиғлай бошлади.

Омонулло овутишни истамай, бир оз кутди. Матлуба ёноғига юмалаган кўз ёшларини кафти билан артиб, хўрсингач, сўроғини давом этди:
— Турсунали ака билан муносабатингиз яхши эдими?
— Бу нима деганингиз? — Матлуба ажабланган ҳолда унга тик қаради.
— Ораларингиздан ола мушук ўтмаганмиди?
— Ола мушук? У киши... болаларимнинг отаси... кўз очиб кўрганим. Ола мушук деганингиз ҳамманинг уйида бор. Эр-хотиннинг орасидан гап қочмай иложи йўқ. Саволингизга қараганда одамлардан бир иғво эшитганга ўхшайсиз. Индамасангиз одамлар нималар тўқимайди?
— Тўғри айтасиз, баъзан одамлар кўпиртириб юборишади. Лекин... шамол бўлмаса дарахтнинг учи ҳам қимирламайди.
— Мақсадингиз нима, очиқ айтаверинг?
— Турсунали ака... сизга хиёнат қилармидилар?

Бу саволдан сўнг Матлубанинг эгилган боши янада эгилди. Титроқ бармоқларига тикилиб жим қолди.
— Очиқ айтаверинг. Агар сир бўлса, орамизда қо-лади.
— Сир... билмайман, одамлар иғво қилаверишади. Болаларимнинг отаси ахир...

Омонулло тушунди. Турсуналининг хиёнати фақат бу аёлга эмас, вояга етиб бораётган болаларга ҳам иснод келтиради. Айниқса хонадондаги қизнинг бўйи етиб қолган бўлса оғир, янада оғир. Эрта-индин совчи эшик қоқиб келсаю «отаси бузуқ экан», деб изига қайтса нақадар фожиа... Хиёнатдан хабар топган аёл қанчалик қонсирамасин, фарзандлари тақдирини ўйлаб, дардини ичига ютади.

Омонулло изтироб чўғлари устида ўтирган аёлни қийнамаслик учун муддао ўқларини аниқ нишонга ола қолди:
— Нафиса Болтаевани танирмидингиз?
— Нафиса... — «ер ютсин уни», деб ўйлади Матлуба, аммо тили бошқа гапни айтди: — эшитганман...
— Ўзини кўрмаганмисиз?
— Кўрганман. Лекин... яхши танимайман.
— Одамларнинг гапларига қараганда...
— Одамларнинг гапларини менга айтманг. Ўзингиз кўриб, қўл билан ушлаган бўлсангиз айтинг. Адамизга шунча азоб камми? Энди номларини ҳам булғашяп-тими?
— Бегоналар эмас, Болтаеванинг онаси ҳам айтяпти.
— Адолми? Жувонмарг бўлсин, у офат! Ўзининг қизлари ўтириб қолганига аламини ўгай қизидан олади. Нафисанинг бошида эри бор. Унинг бузуқлигини биров кўрмаган.
— Болтаеванинг эрини танирмидингиз?
— Сал-пал танийман. Адамизнинг ўртоқлари.
— Бу ерга кўп келармиди?
— Йўқ.
— Касби нима, биласизми?
— Олим шекилли?..
— Оилалари тинч эдими?
— Буни ўзларидан сўранг. Мен уларникига қадам босмаганман.
— Нега?
— Саволингиз ғалати-ку? Ҳозир яқин қариндошлар ҳам борди-келдига вақт тополмайдилар.
— Турсунали ака бориб турармидилар, ҳар ҳолда ошна эканлар?
— Билмайман.
— Сиз ҳозир «қадам босмаганман», дедингиз. Икки ойми, уч ойми аввал, куз пайтларида боргансиз-ку?
— Ким айтди?
— Керак бўлса гувоҳ билан юзлаштирамиз. Унгача саволимга жавоб беринг: нима учун бордингиз? Сиз ўша куни қаттиқ ғазабда бўлгансиз. Нимадан норози эдингиз?
— Эсимда йўқ.
— Ҳатто «ўлдиртириб юбораман», дегансиз?
— Ёлғон!
— Мен шу ёлғонни айтиш учун келибманми? Бир нарсадан шубҳам бўлмаса гапирмайман.
— Шубҳа?.. Ҳали... уни мен ўлдирибманми?
— Кимни?
— Нафисани айтяпсизми?
— Ўлганини биласизми? — Омонулло шундай деб Матлубага ажабланаётган одам кўзи билан қаради.
— Мен кеча осмондан тушганим йўқ-ку? Эшитмайманми?
— Қандай ҳолатда ўлганини ҳам эшитдингизми?
— Эшитдим... биттаси билан... экан.
— Ишондингизми?
— Ишондим нимаю, ишонмадим нима?
— Ким ўлдирган бўлиши мумкин?
— Билмайман.
— Ҳар ҳолда... нима учун ўлдиргингиз келган эди?

Матлуба қафасга қамалган қуш ҳолига тушди. Нодонлиги туфайли қафасга тушди, энди яна нодонлик қилиб, ўзини қафасга уриб қанотларини яралашни истамади. Бир оз сукут қилгач, эридан олган ўша мактубдан гап бошлади.

Матлуба бир йиғлаб, бир сукут қилиб, бир ғазаб жиловида эзилиб гапирарди. Нафисанинг ўлимини эшитганида «баттар бўлсин!» деб қувонган эди. Бундай ўлимдан баттарроқ яна нима бўлиши мумкинлигини ўйлаб ўтирмай, бировнинг ўлимидан қувонишнинг гуноҳ эканини фаҳмламай шундай деган, шундай хурсанд бўлган эди. «Худо менинг раҳмимни ебди», деб ҳам фикр қилганди. Ҳозир ўтмиш кунларни эслай туриб нечундир унга ачинди. Норасмий кундошининг ўлимидан ўзига заррача наф йўқлигини энди англади. Унинг ўлимини истагани рост, қарғагани рост, ўлдириш ёки ўлдиртириш учун ҳаракат қилмагани ҳам рост. Аммо рост гапга бу одам ишонармикин? Матлуба шу армон, шу ўкинч билан Омонуллога қараб-қараб қўярди.

Омонулло унинг гапларини бўлмай эшитди. «Шу аёл ўлдиргандир» деган гумон унга ҳукмини ўтказмаган бўлса-да, фикрдан узоқлашишга ҳаққи ҳам йўқ эди. То чин қотил топилмагунича шу маъсумадан ҳам шубҳаланишга ҳақли эди.

Омонулло Матлубанинг сўзларини эшитиш асносида беихтиёр Адолатни кўз олдига келтирди. Ўшандан гумонсираганда ҳам тинч қўймас эди. Бу аёл... бошқачага ўхшайди. Эзилган руҳи, топталган умиди учун хун талаб қилса ҳам арзир. Аммо... болаларининг отаси бўлгани учун ҳам унинг номини ҳимоя қиляпти, уни умид билан кутяпти. Ҳар қандай аёл эрини қиз-ғанади. Қалбини йиринг босган Матлубанинг ҳам қизғаниши тайин. Аммо бу рашк, бу қизғаниш қотилликка ундаши мумкинми? Омонулло учун бу мубҳам бўлиб қолаверади.

У Матлубадан эрининг мактубларини кўрсатишни илтимос қилди. Матлуба бир оз иккиланган ҳолда уйга кириб тўрт-бешта мактуб олиб чиқди-да, солиқ тўлашга ундовчи хатни ажратиб берди. Омонулло сатрларга кўз югуртиргандаёқ, лагер қамоқхонасидаги аҳволни англади.
— Болтаевадан шубҳаланганингиз ўринсиз. Эрингиз қамоқдаги катта балиқларга ем бўлган.
— Биласизми шуни? Билсангиз... нега йўл қўйиб берасиз?
— Буни ўша ёқдагилардан сўраш керак. Бизнинг вазифамиз бошқа. Агар бирор киши пул талаб қилиб келган бўлса, айтинг. Улар билан шуғулланамиз.

Матлуба Хурсаналининг огоҳлантиришини эслаб: «Йўқ, йўқ, ҳали ҳеч ким келмади», деб қўйди.

Омонулло бунга ишонгандай бўлди-ю, яна учрашишга шамаъ қилиб кўча томон юрди. Матлуба остонага қадар кузатиб бориб, Омонуллонинг ортидан эшикни ёпди.

Сафар орқа ўриндиқда кавшаниб ўтирарди. Омонулло машина эшигини очиши билан димоғига ароқ, колбаса ҳиди урилди.
— Ҳа, очофат, дарров ютдингми? — деди Омонулло унга қовоқ уюб қараб.
— Бошга қувват бўлади, сенам қиттаккина олвол.

Омонулло «нафсинг қурсин», деди-да, машинани юрғизди. У директор билан учрашиб янги гап ололмагач, боғ қоровули билан гаплашишни ихтиёр қилди. Директор обкомдан вакил келаётганини айтиб, унга бир югурдагини қўшиб берди. Номи боғ қоровули, аслида хўжайиннинг ҳам маҳрами, ҳам ошпази бўлмиш уккикўз Карвон Турсунали билан қизини шу ерда кўрганини айтди. Аравакаш отасининг «Карвон» лақабини мерос қилиб олган бу одам билганларини яширмади: «Директор бува Тошкентда эдилар. Хўжайин йўқликларида ишларимни қилволай деб раён марказига тушувдим. Қайтиб келаётсам, Ошболта билан қизи чиқиб келишяпти. Ошболтанинг даъвоси катта — у ўзини менга устоз деб билади. «Ўчоқни ҳаром қилибсан, бузиб ташладим, эртаматан келиб янгисини қуриб бераман», дейди. «Нимаси ҳаром?» десам, «Ўчоқнинг ичида ит ётибди», дейди. Ит илгари ҳам ётарди, ҳаром-паром демасди, қачондан бери ҳаромни ҳалолдан ажратадиган бўлибдийикин, деб қоловурдим. Назаримда у қизини янги директорга қўшгани олиб келгану, иши унмагач, аламдан ўчоқни бузиб ташлаган. Ўчоқни ўша куниёқ ўзимла ўнглаб қўйдим. Хўжайин ярим кечада қайтиб, овқат қил, деб буюрсалар «Эрталаб Ошболта ўчоқ қуриб берсин, кейин овқат пиширай», дейманми?»

Омонулло Карвоннинг гапларида бир илмоқни сезди-ю, бўлиб ўтган воқеани ойдинлаштиришга ожизлик қилди. Саволларни қалаштиргани билан керакли жавобларни ололмади. Нафисанинг қишлоққа келиши, боққа бориши, ўчоқнинг бузилиши... Қулоқларига тилла зираклар, бармоқларига тилла узуклар тақиб қайтиши... да сир яширин эди. Бу сирдан воқиф одамнинг бири тупроқ остида, иккинчиси тилдан қолган...

.. Ўша кеч Матлубанинг ногаҳоний ташрифидан сўнг Самандар «ишим бор», деб хонасига кириб кетди. Ота-бола телевизорда зерикарли бир тамошани ярмига қадар тоқат қилиб кўришгач, Тошболта қизидан:
— Турсуналининг бойлиги кўп эди, милиса тополмади. Хотини билмаса... қайга беркитди экан? — деб сўради.

Нафисанинг кўзлари телеекранда бўлса-да, хаёлига шу савол ҳукмрон эди. Отасига қараб «билмайман» деб елка қисиб қўйди-ю... кейин сўнгги кечалардан бирида юз берган воқеани эслади. Аслида ўша воқеани унутмаган, лекин қама-қама бошланиб, боққа боришга қўрқиб юрган эди. Телевизорни яна бир оз томоша қилган бўлиб, сўнг ўша воқеани отасига баён қилди...

... Турсуналининг кайфияти хуш эди. Маишатни бошлашдан аввал Нафисанинг қулоқларига тилла зирак, бармоқларига тилла узуклар тақди. Сўнг нафс қонгач, тонгга яқин ечиб олди. Авваллари бунақа одати йўқ эди — совғаларини қайтиб олмасди. «Замон нозик бўлиб турибди. Тақиб юрсанг, одамлар гап қилади, эринг ҳам шубҳаланади. Шу ерда тура турсин», деди-да, ташқарига чиқди. Нафиса ўрнидан туриб елкасига чойшаб ташлаганича, деразага яқинлашиб, таш-қарига ўғринча қаради. Турсуналининг ўчоқбоши томон қайрилганини кўрди. «Карвон шу ерда бўлса бу аҳволда дуч келмай», деб ташқарига чиқишга қўрқди. Турсунали ўчоқбошидами ё этакдаги қўйхонадами, Нафиса аниқ билолмади, анча қолиб кетди. Меҳмонхонага киришдан олдин қўлларини ювди. Ичкари кириб ётди-ю, кун ёйилгунича ухлади...

Бу воқеадан аввалроқ бохабар қилмагани учун Турсунали қизини ғадаблади. Эртасига тонгдаёқ ота-бола йўлга отландилар.

Ўчоқ остидан топилган зираклар, узукларни Нафиса жони узилганига қадар тақиб юрди. Адолат бу тақинчоқларни янги ўйнашнинг ҳадяси деб ўйлади. Самандар эса дастлабки кунлари хотинида янги тақинчоқлар пайдо бўлганини ҳатто пайқамади ҳам. Нафиса «ерим сўраса «дадам олиб бердилар», дейман», деб жавобни нақд қилиб қўйган эди. Синчковлик, хотинларга эътибор деган тушунчалардан бегона Самандар тақинчоқларни кўрганда ҳам индамади. «Маошларини йиғиб олгандир», деб қўя қолди.

Тақинчоқлар тарихидан бехабар Омонулло иссиқ кунда ароқнинг кучи билан янада қизиб олган Сафарнинг эзмалигидан ҳориган ҳолда уйига қайтди.

Мағлубият ва ғалаба (қотилликдан аввалроқ содир бўлган воқеа)

Турсунали зекквагонда ёнма-ён келган бадбашара одамнинг лақаби «Удав» эканини Тенгиздан эшитди. Эшитди-ю, булар билан ҳазиллашиб бўлмаслигига яна бир карра ишонди. Бахтини қарангки, у ўша «Удав» билан вагонда бирга бўлибди, бу нодон «Удав» қочибди, унинг хазинани ўғирлаганига Гобеляннинг одамлари ишонибди. Ишонишмаганда нима бўларди, қочмаганида нима бўларди, вагонда бошқа ўғри билан келганида нима бўларди? Хаёлида шу саволлар уйғонганида Турсуналининг юраги орқасига тортиб кетаверди, кўз олдида болалари, Матлубасининг маъюс чеҳралари гавдаланиб, эзилаверди. Нечундир ўз жони ҳам арзимасдай туюла бошлади. Нечундир Нафисадан олган мактуби дардига малҳам бўла олмади. Кунлар, ҳафталар шу зайлда ўтаверди. Ўчакишгандек Нуриддин ҳам тескарилигича қолаверди. Ўчакишгандек, ошхонада бошланган ола-тўпалонда дўппосланиб, ўлар ҳолга келди. Жанжал нимадан бошланганини англашга улгурмади ҳам. Назоратчилар нима сабабдан муштлашувни бостиришга уринишмаётганидан ажабланди. Қамоқ шифохонасида кўзлари тиниб, боши айланиб ётганда бу ҳақда кўп ўйлади. Чала ўлик, чала тирик ҳолда азоб денгизига бир ғарқ бўлиб, бир юзага қалқиб чиқиб ётганида ўзини «прокуратураданман», деб таништирган одам бешта сурат кўрсатиб, «қайси бири билан зеквагонда келгансан?» деб сўради. Турсунали Тенгизнинг огоҳлантиришини эслаб «Удав»нинг суратини адашмай кўрсатди. «Прокуратураданман» деган одам нечундир бошқа нарсани сўрамади.

Ошхонада жанжал бошланганида, айниқса жағига биринчи мушт тушганида Нуриддинни излади. Кейинроқ эслади: Нуриддин ўша куни эрталабдан кўринмаган эди. Йўқ, ҳатто тунда ҳам жойида ётмаган эди. «Қаёққа йўқолди! Ё қочиб кетдими у нодон?» деб ўйлади Турсунали. Нуриддиннинг қамоқ ҳибсхонасида эканини билгач «омадли бола экан», деб қўйди. Бу масалада у ҳақ эди. Чунки бир неча кунлик ҳибс Нуриддин ҳаётини омон сақлаб қолди, дейиш ҳам мумкин.

Тайёрланмиш фитнадан огоҳ бўлган куннинг эртасига оқшомда Нуриддин ҳовлида бошлиқ муовинига дуч келди. Салом бериб ўтиб, икки қадам ҳам босмаган эди-ки, маёр «тўхта!» деб буюрди. Нуриддин тўхтагач, бўралаб сўкиб, «нега салом бермадинг?» деб бақирди. «Салом бердим-ку?» деб ажабланган Нуриддинни маёр «ҳали гап ҳам қайтарасанми!» деб уриб қолди. Нуриддин жавоб қайтариш у ёқда турсин, ҳи-мояга чоғланса ҳам баттар бўлишини билгани учун тобе ҳолида туриб берди. Маёр уриб, сўкиб бўлгач, Нуриддинни ҳибсхонага бошлаб бориб, «салом бермагани, гап қайтаргани ва лагер ички интизомини қўпол бузгани учун» қамади. Ботқоққа ташланган одам «нечун бунда лой кўп?» деб ажабланмагани каби Нуриддин «бу қадар ноҳақлик бўларми, ахир?!» деб ҳайратланмади ҳам, ғазабланмади ҳам. Бу тарздаги ҳибсхонада ўтиришлар уйга юборажак ва олинажак муждалар сонини камайтиришини, оқибат озод бўлиб чиқиш онларига салбий таъсир этажагини билгани учун афсусланди холос.

Ҳибсдан қутулиб чиқиши билан уни Тенгиз чорлатди. Ёмғирдан сўнг адл қомат оқ қайинлар нозикбадан келинчаклардай кўзни қувонтирарди. Тенгиз дарахтнинг силлиқ баданига кафтини қўйиб атрофга суқланиб боқарди. Унинг овулида, арчалар орасида, унда-бунда шундай оқбадан қайинлар кўзга ташланарди. Уларни биров атайин олиб келиб экканми ё қадимдан бормиди — Тенгиз билмайди. Тоғ арчалари орасида бегонасирамай ўсаётган бу дарахтларга қараб завқланарди. Бу ерда, ўз юртида оқ қайинлар ўзгача жилва қиларди.

Нуриддинни бошлаб келган Пачоқбурун сал берида тўхтаб «Княз, келди», деб овоз берди. Тенгиз орқасига ўгирилгач, ўзи нари кетди. Нуриддин эса у томон юрди.
— Ҳа, Ҳамзат, кел, мана буни қара: агар дунёда покизалик истасанг, дарахтлару кўкатлардан изла. Одамлардан қидирма — овора бўласан. Кафтингни қўй бу ерга, сўнг табиатнинг шивирига қулоқ тут.

Нуриддин Тенгизнинг айтганини қилди. Аммо ҳеч нарсани сезмади, тушунмади. Тенгиз эса худди ўзига ўзи гапиргандай шеър ўқий бошлади:

Англадим: номуснинг қотили — қуллик,
Кўрдим: тожли бошлар таъзимга келди.
Булбулларим ўлди Чаманзорларда
Булбулли мақоми чўғзимга келди.
Ҳақоратлар едим. Таҳқир, ҳақорат —
Тирноғимдан тортиб бўғзимга келди...

Русчалаб айтилган сатрларни Нуриддин яхши тушунмади. Яхшики, Тенгиз «англадингми, Ҳамзат?» демади. Сўраганида унинг довдираши аниқ эди.

Бу сатрлар Тенгизнинг хаста юрагидан потраб чиқиб беихтиёр тилга кўчган, Нуриддинга айтиш учун мўлжалланмаган эди. Тенгиз ҳам, бошқа шериклари ҳам ўзларини «озод инсон» ҳисобласалар-да, аслан ўзлари барпо этган зиндонга маҳбус эдилар. Дастлаб ҳашаматли қаср бўлиб кўринган бу зиндондан ҳеч ким осонликча, аниқроқ айтилса, тириклигича қутилган эмас. Кўпчилик қутулиш чораларини ўйламайди ҳам, изламайди ҳам. Тенгиз эса бу қаср остонасига қадам босгунича бўлган чин озодлигини қўмсайди. Юраги баъзан қаноти синган қуш сингари учмоқ истайди. Қайси замонда, қай маконда қанотлари синган қуш эркин осмонга парвоз қилибди-ки, Тенгизнинг қалби бунга етишса...
— Бу дарахт бечоралар бизлар туфайли тутқунда, бизларни деб булар ҳам тиконли қамоқ симтўрлари билан ўралган... — Тенгиз бу гапни ҳам Нуриддин учун эмас, ўзи учун паст овозда айтди.

Уларнинг макони покиза ҳисларга банди бўлиб туришга кўпам имкон бермайди. Бунда қалблар бир неча лаҳзагина аслига қайтиши мумкин. Сўнг... яна бузуқлик, ёвузлик, нафрат чодирларига ўралади. Ўралганда ҳам чирмаб ўрайди, эзади, сиқади. Озгина фурсат яйраган ҳислар эса нола чекади, инграйди, оқибат — овози ўчади.

Тенгиз шундай ҳолатда эди.

Зулмат чодири қалбни ўради — кафтини дарахт баданидан олди.
— Мазза қилиб чиқдингми? — деб Нуриддиннинг елкасига енгил муштлади. — Эшитгандирсан, ўша фитна худди мен айтгандай амалга ошди. Янис оғир ётибди. Бугун-эрта жон берса ҳам эҳтимол. Бир мўъжиза билан тирик қолса ҳам отувга ҳукм этилади. Ўлдирилган уч маҳбуснинг хуни унинг бўйнига илинди. Яна учта шериги ҳам кетади. Сен билан биз эса маишатларимизни қилиб юраверамиз.— Тенгиз кейинги гапи-ни аччиқ киноя билан айтди-да, дарахтни тепди.— Улар юртларига озодлик уруғи сепган эдилар. Бу ерга келиб ўлим мевасини ундириб едилар. Айб бизда эмас, Ҳамзат, сен ҳали бундай тамошаларнинг кўпини кўрасан.
— Мени нимага қамашди?

Нуриддин аслида «сиз қаматтирдингизми?» деб сўрамоқчи эди. Тенгиз саволнинг мағзини ўқиб, бош чайқади:
— Билмайман, Ҳамзат. Кўзига хунук кўриниб қолгандирсан. — Тенгиз шундай деб кўзларини лўқ қилганича унга тикилди. Айрим одамлар ёлғонни сездирмаслик учун нигоҳини олиб қочади, Тенгиз эса аксинча, тик қарайди.

Нуриддиннинг гумонида жон бор эди: у Тенгиз истаги билан қамалганди. Тенгиз кечаси Кошакнинг ароғини ичгач, кўп ўйлади. Эртасига Кошакни чорлаб, гапни айлантириб сўради. Кошак аниқ жавобдан бўйин товласа ҳам Нуриддиннинг ўлимга ҳукм қилинганини ишора билан маълум қилиб қўйди. «Шогирдинг ҳам синаладиган бўлиб турибди», дейишиданоқ Тенгиз унинг шумлигини пайқади. Англади-ю, маёрни ишга солди. Маёрнинг осонлик билан кўнганидан билдики, Нуриддиннинг нишонга айланиши қамоқ лагери бошлиқларининг фикри эмас, Кошакнинг шахсий ташаббуси. Шу боис ҳам Нуриддин қутулиб чиқиши билан уни чақиртирди.
— Ҳамзат, сенинг боғча болалик давринг ўтди. Энди мактабдаги ўқишни бошлашинг керак. Ўжарликни йиғиштир, сен учун энг тўғри йўл — бизнинг йўлимиз. Биринчидан, жонингни асрайсан, бу ердан тирик ҳолда, икки оёғингда юриб қайтасан уйингга. Иккинчидан, билиб қўй: уйингга қайтганингда биров сени одам ўрнида кўрмайди. Ҳатто энг яқин қариндошларинг учун ҳам сен «қамалиб чиққан одам»сан. Бировникига меҳмонга борсанг ҳам сендан хавфсираб ту-ришади. Игна йўқолса ҳам сендан кўришади. Улар орасида энди ҳалол яшай олмайсан. Ҳамонки сендан шубҳаланишяптими, яхшиси чинакам ўғри бўлиб яшайверганинг маъқул. Сен бизнинг касбимиздан нафратланма, аввал ҳам айтганман, яна айтаман: биз ҳалол одамлармиз. Биз бирон бир ишчининг ёки мактаб муаллимининг уйига бостириб кирадиган аҳмоқ эмасмиз. Хўп, кирдик ҳам дейлик, нима оламиз бу уйдан? Ювилавериб ёқалари титилиб кетган кўйлакларними? Мен сентябр ойида овга чиқишни яхши кўрардим, Ҳамзат. Нимагалигини биласан, а?— Тенгиз шундай деб ҳузурланиб жилмайди. — Ҳа, айтмоқчи, Ҳамзат, сен нима учун институтда ўқимадинг? Истамадингми?

Нуриддин Тенгизнинг мақсадини тушунмади. Шунинг учун аввалига «Нима эди, нима учун қизиқиб қолдингиз?» деб сўрамоқчи бўлди. «Қутулиб чиққанимдан сўнг ўқишга жойлаштирмоқчими?» деб ҳам ўйлаб, тўғрисини айтиб қўя қолди:
— Саккизинчини битириб ундан у ёғига ўқий олмаганман.
— Нимага ўқимагансан Ҳамзат, билиминг каммиди ё ақлинг каммиди?

Кейинги савол Нуриддиннинг ҳамиятига тегиб тўнглик билан жавоб берди:
— Пулим кам эди.

Бу жавоб Тенгизга маъқул келиб, кулди:
— Шунақалигини билардим, — деди у Нуриддиннинг елкасига яна енгилгина мушт уриб. — Сендақалар кўп бу мамлакатда. Ўнинчини тугатганингда ҳам барибир институтга киролмас эдинг. Ёздаги кириш имтиҳонларида ўқитувчилар денгизга тўр ташлаган балиқчиларга ўхшаб нодонларнинг пулларини йиғиб оладилар. Мен эсам тўримни уларнинг устига ташлайман. Қани айтчи, ким кўпроқ гуноҳкор? Уларми ё менми? Биз ҳалол ўғримиз, Ҳамзат, энди сен ҳам бизнинг оиламизга қўшиласан.
— Мен...
— Жим бўл! Гапингни эшитишни ҳам истамайман. Қарорим қатъий — шикоятга ўрин йўқ! Сен бугундан бошлаб Қўтоснинг шогирдисан. Менга қара, ўжар, сен унинг ҳунарини астойдил ўрганавер, озодликка чиққанингдан кейин нима қилишни ўзинг биласан. Ҳа, айтмоқчи, чап қўлда овқат ейишни биласанми? — Тенгиз шундай деб муғамбирларча жилмайди-да, саволига жавоб бўлмагач, гапини давом эттирди: — Қадимда энг зўр ўғрилар Бағдодда бўлар экан. Сенга ўхшаган бир аҳмақ ўғриликни ўрганаман деб Бағдодга келиб, энг зўрини топиб, арзини айтибди. Зўр ўғри «бўпти, шогирдликка олдим сени», деб уни меҳмон қилибди. Аммо «овқатни чап қўлда ейсан», деб шарт қўйибди. Аҳмақ шогирд қанча уринмасин, овқатни чап қўлида еёлмай «шу шартми?» деб норозилик билдирибди. «Шарт, — дебди устоз, — ўғриликнинг энг асосий шарти — чап қўлда овқат ейиш. Чунки ўғри эртами-кечми панд еб, ҳибсга олинади. Панд едими, тамом, шариат ҳукмига биноан ўнг қўли кесилади. Сенинг қисматинг ҳам шундай бўлади. Овқатни чап қўлда ейишни ҳозирдан ўргансанг, кейин қийналмайсан». Бу гапни эшитиб, ҳалиги аҳмақ орқасига қочворган экан. Лекин сен ҳавотир олма, бизнинг ҳукумат одил, қўлни кесмайди. Тўрт йилми, беш йилми боқади, дам беради. Кейин қўйиб юборади, — Тенгиз шундай деб кулди.

Нуриддин унинг бу кулгиси замирида хушчақчақлик, қувонч нурини эмас, алам ва изтироб заҳрини сезди.

Нуриддин ўша куниёқ Қўтоснинг қўлига «тантанали суратда» топширилди. Қўтос дастлабки кунлари унинг «ғоя»сини бойитиш билан шуғулланди. Ўғрилар оламига хос тартиб-қоидалар билан таништирди. У ҳар бир тартиб ёки қоиданинг аҳамиятини эринмай тушунтирар, худди ривоят айтувчи ровий каби қиссадан ҳисса ясаб, бу қоидаларни бузганларнинг қандай жазога йўлиққанларини батафсил баён этарди. Қў-тос — жар лабидаги сўқмоқдан, қирғоқларни боғловчи қил кўприкдан кўзларини чирт юмиб олиб ҳам югуриб кетаверадиган одам, гўдакни етаклаб, бу йўлдан адашмай юрмоқни ўргатарди. Ўргата туриб «орқага қайтишни ўйлама, ҳатто ортингга бурилиб қарама», деб уқтирарди. Тенгиз «озодликка чиққач, нима қилишни ўзинг биласан», дегани билан Нуриддин тўрга ўралиб бораётганини сезиб турарди. Сезарди-ю, қутулмоқ чорасини тополмай гаранг эди.

Навбат «сиёсий» тайёргарликдан «амалий» машғулотга ўтиб, Қўтос темир жавонларнинг, улардаги қулф-ларнинг турлари ҳақида тушунтириб ўтирганда Кошак яқинлашиб, ён томонга хунук тарзда тупурди-да:
— Князингнинг куни битди, — деди Қўтосга қараб.

Бу кутилмаган хабар Нуриддинни ҳам, Қўтосни ҳам танг қолдирди.
— Нима бўлди? — деди Қўтос ўрнидан туриб.
— Нима бўларди, — деди Кошак Нуриддинга қараб заҳарли тиржайиб, — куни битгандир-да. Қўлларига кишан уриб, ҳибсхонага ташладилар.
— Ким ташлади? Нимага ташлади?
— Нималигини улардан сўра. Князинг кейинги пайт-да ўзини ростдан ҳам «княз» деб ишониб қолувди. Уни уч ҳарф тинчитади энди.
— Кошак, сен бундан қувоняпсанми? — деди Қўтос аччиқланиб.
— Бўлмасамчи! Энди бу ерда мен князман!
— Бекор айтибсан! Биз ҳали ўйлашиб кўрамиз. Сен биродарингнинг мусибатидан қувониб, қонунни бузяпсан!
— Қўтос, сен ўзингнинг ишингни билиб қилавер. Лекин мана бунақа итваччаларни йўқот. — Кошак шундай деб ёнидан буклама пичоқни чиқариб сопи ёнидаги тугмани босди. Офтобда ялтиллаган пичоқ тиғини Нуриддиннинг кекирдагига тиради: — Ана энди ҳимоя-чинг йўқ, Бифштекс учун жавоб берадиган вақтинг келди. — Шундай деб тиғни аста ботирди.
— Кошак, бу бизнинг одам!
— Бекор айтибсан, бу итваччалар ҳеч қачон бизнинг одам бўлишмайди. Мен Бифштекс учун буни ўлдираман, деганманми, демак, ўлдираман. Майли, ҳозир эмас, озгина яшасин, қутулиб чиқсин, уйига борсин. Ўша ерда... бунинг сассиқ онасини ўзининг кўз олдида трамвайга қўяман... Кейин...

Кейин нима бўлишини айта олмади. «Сассиқ онасини...» деганидаёқ Нуриддиннинг жони ҳалқумига келди, «трамвайга қўяман», деганида эса қалбида нафрат ва ғазаб вулқони портлади-ю, кўз олди қоронғулашди. Томоғига пичоқ тираб турилганини ҳам унутиб, Кошакнинг нақ қаншарига мушт туширди. Нарига учиб тушган Кошакни тепмоқчи бўлганида Қўтос йўлини тўсди. Дам ўтмай Кошак ўрнидан туриб, ерга санчилиб қолган пичоқни яна қўлига олди:
— Қўтос, қоч, бу итни менга қўйиб бер! — деди у хириллаб.
— Фақат ўзингни ҳимоя қил, — Қўтос Нуриддинга қараб шундай деди-да, ўзи четга чиқди. Кошак эса ўша заҳоти қутурган мушук мисол Нуриддинга ташланди. Нуриддин унинг ҳамлаларига чап беравериб, бир неча дақиқа сарсон қилди. Ҳамлалари бекор кетгани сайин Кошак бўралаб сўкар, бетўхтов равишда тупурар эди. Унинг бу қилиқлари Нуриддиннинг жонига тегиб, охири Кошакнинг пичоқ тутган қўлини мўл туриб, билагига қаттиқ тепди. Нарига учиб тушган пичоқни Қўтос олди-да, тиғини буклаб, чўнтагига солди. Кейин қўлини чангаллаганича тиз чўкиб ўтириб қолган Кошакка яқинлашиб, билагини ушлаб кўрди:
— Ўлмайсан, синган бўлса тузалиб кетади. Беш-ўн кун қитмирлик қилмай ўтира турасан.
— Мен уни ўлдирмай қўймайман, — деди Кошак, кейин Нуриддинга қараб бақирди: — Эй, ит! Энди сен ўликсан, тушундингми, ўликсан!

Нуриддин тушунди. Булар «ўликсан», деб ҳукм чиқаришдими, демак, муддаога етишмагунча тинчишмайди. Демак, яшаб қолишнинг ягона чораси бор: уни ўлдириш!.. Нуриддин шу тўхтамга келгани билан қарорини амалга ошириш йўл-йўриғини билмас эди. Урушда бўлса эканки, шартта қурол тепкисини босиб, ўқ ёғдириб юборса. Бунда қурол йўқ, мушт билан эса бирон натижага эришиш қийин. «Ўйчи ўйига етгунича, таваккалчи тўйига етибди», деганларидек, у бирон йўл излаб топгунича булар масалани ҳал қилиб қўя қолишлари мумкин. Бугун кечасими ё эртасигами, ҳар ҳолда чўзиб ўтиришмаса керак.

Кечаси зийрак ҳолда ётган Нуриддин янглишмади. Ҳамма ширин уйқуда эканида Қўтос келиб «Менинг ўрнимга ўтиб ёт», — деди. Орадан бир соатлар ўтгач, барак эшиги очилиб, Кошак ёнида тўрт йигити билан кириб келиб, тўғри Нуриддин ётган жойга қараб юрди. Йигитлардан иккитаси ётган одамни Нуриддин деб фаҳмлаб, имо-ишорасиз ҳолда икки оёғини таппа босгани ҳамон, қолган иккитаси қўлдан олишга улгурмай, Қўтос қаддини кўтарди:
— Кошак, яна хато кетдинг, мен эсам янглишмадим,— деди у овозини пастлашга ҳаракат ҳам қилмай.— Болага тегма, дедимми, демак, тегмайсан. Жўна энди!

Кошак сўкинганича чиқиб кетди.

Қўтос эса ўтирган ерида ўйга толди. Князнинг ҳибс-га ташланиши билан Кошакнинг бу қадар қутуриши сабабларини излаб топмоқчи бўлди. Кошакнинг ҳар бир босган қадамини кузатиб юрган махфийлар тонгда Қўтосга кутилган ва кутилмаган хабарни етказдилар. Қўтос Кошакнинг Турсуналини сиқувга олажагини гумон қилган, аммо ҳибсхонадаги Тенгиз ҳузурига киришини ўйламаган эди. Қамоқ лагерига Москвадан одамлар келиши, Князнинг қўлига кишан урилиши ва Кошакнинг қутуриши бир занжир ҳалқалари билан боғланганини фаҳмлади. Аввалига «политбюро»ни шошқич равишда тўпламоқчи бўлди. Бироқ, ўғрилардан яна қанчаси Кошак томонда эканини аниқ билмагани учун бир оз кутишга қарор қилди.

Ўғрилар оламида туғилиб, вояга етган, суяги қотган Қўтоснинг ақли бу сафар ҳам ўзига хиёнат қилмаган, воқеаларни боғлаб турган кўринмас занжир ҳалқаларини ақл кўзи билан кўра олган эди.

Талваса

Омонулло бир варақ қоғозни тўртга бўлди-да, бирига «Самандар Очилов», иккинчисига «Тошболта», учинчисига эса «Матлуба Тўхтаева», тўртинчисига эса «кооператив», деб ёзиб, сўроқ белгиси қўйди. Сўнг қарта чийлаётгандек аралаштиргач стол устига ёйиб, бир нарса ўқимоқчи бўлаётган фолбиндай тикилиб ўтирди. Кейин Тошболта зикр этилган қоғоз парчасини нари сурди. Дам ўтмай Матлубанинг исми ёзилгани ҳам четга сурилди. Шу ўтиришида диққати ошгандан ошиб, тўртинчи қоғоз парчасига ҳисобсиз сўроқ белгилари чизиб ташлади-да, чуқур «уф» тортди. Ана шундай тарзда сиқилиб ўтирган чоғида телефон жиринглади. Гўшакни истамайгина қулоққа тутди-ю, беихтиёр сапчиб туриб кетди. Четдан қараган одам у телефон гўшагини эмас, адашиб, қизиб турган дазмолни қулоғига тутди-ю, куйди, деб ўйлаши ҳам мумкин эди. Аслида эса Омонуллони сапчиб туришга бошлиқнинг хабари мажбур этган эди. Бир неча дақиқада суратчи, криминалистлар гуруҳининг бошқа йигитлари ҳовлида тўпланишди-ю, навбатчи машинада Самандар Очиловнинг уйига йўл олишди.

Уйнинг эшиги ланг очиқ, қўллари кишанланган Самандар меҳмонхонадаги дераза ёнида кўчага тикилганича тек турарди. Қадам овозларини эшитиб бурилиб қаради-ю, Омонуллонинг нигоҳига рўпара бўлди. Омонулло қошу-киприкларигача малла бўлган бу одамга бир зум тикилди-да, сўнг уйда пойлоқчилик қилган ҳамкасбига қаради. Ҳамкасб йигит бу қараш замиридаги саволни ўқиб қисқа тарзда ахборот берди:
— Хотиржам келиб қулфга калит солди. Эшикни очиб, остонада бир пас қимирламай турди.
— Ҳеч нарсага тегмадиларингми? — деб сўради Омонулло атрофга бир разм солиб.
— Йўқ.
— Қўлларини бўшат.

Самандар кишандан бўшаган билакларига маъюс тикилиб қолди.
— Ўтиринг, Очилов, — Омонулло иккита стулни бир-бирига қарама-қарши қўйди-да, ўзи деразага орқа қилиб ўтирди. Самандар отасидан тарсаки тушиб қолишидан қўрққан боладай ҳадиксираб турди.

То уйига етиб келгунига қадар Самандарнинг руҳи гўё беҳисоб чаёнлар ҳукмида бўлди. Уйида қандайдир нохушлик кутаётганини юраги сезиб, эзилган бўлса-да, «милитсия ходимига дуч келарман, остона ҳатлашим билан қўлларимга кишан солинар», деб ўйламаган эди. Пойлоқчи йигитга «Очилов келиши билан қимирлатмайсан», деб буюрилган, у Самандарнинг кимлигидан бехабар бўлгани сабабли уни ашаддий қотил гумон қилиб, қўлини кишанлаб қўя қолган эди. Самандар эса буни узил-кесил ҳукм деб тушуниб ўзидан кетаёзди.
— Ўтиринг, — деди Омонулло бу сафар қатъийроқ тарзда.

Самандар стулнинг суянчиғини ушлаб асталик билан ўтиргач, Омонулло ўзини танитди-да, сўроғини бошлади:
— Москвада ҳамиша кўп қолиб кетасизми?
— Ишга қараб, — деди Самандар унга тик қарай олмай, — баъзан эрталаб бориб, кечқурун келаман. Бу сафар сал тобим қочди...
— Нима бўлди?
— Ёқмайдиган нарса еганман шекилли... сал заҳарланибман.
— Сизни олим дейишди... Нима билан шуғулланасиз?
— Буни аниқ айтишим мумкин эмас.
— Умумий тарзда-чи?
— Умумий тарзда... зилзилага оид десам ҳам бўлади.
— Бу ишга чет элликлар ҳам қизиқса керак?
— Билмадим... балки қизиқар...
— Сизга биров шу иш бўйича таклиф қилганми ё...
— Йўқ. Нега сўраяпсиз?
— Душманингиз йўқми, демоқчиман.
— Душман... билмадим... бўлмаса керак.
— Нафиса Болтаева сизнинг иккинчи хотинингизми?
— Ҳа... — Самандар шундай деб нигоҳини олиб қочди.
— Ҳозир у қаерда?
— Билмайман... уйда бўлиши керак эди.
— Охирги марта қачон, қаерда кўргансиз?
— Эсимда йўқ...
— Қизиқ... хотинингизни қачон кўрганингизни ҳам эслолмасангиз... Бизни бу ерда кўриб ҳайрон бўлмадингизми?
— Ҳайронман...
— Москвага кетишингиздан олдин бир полковник ҳамроҳлигида келиб уйингизга кириб чиққансиз, қўлингиз нима учун қон эди?

Бу савол Самандарнинг бошига оғир гурзи мисол урилиб, товонига қадар зириллатди, ҳушини йўқотиб, ақлдан озган девонадай бақрайиб қолди. Афтодаваш бу одамнинг кўзларига Омонулло жон олғувчи Азроил бўлиб кўринди. Ўшанда полковник сўраганида савол ўқидан «шиша тилиб кетди», деб қутулган эди. Ҳозир тилига шу жавоб ҳам келмай, соқов ҳолида тураверди. Омонулло саволни яна қайтаргач: «есимда йўқ, балки кесиб олгандирман», деб ғўдиранди.
— Чап қўлингизни кесувдингизми ё ўнгиними?

Самандар ажабланиб, қўлларига қаради: дарвоқе, қайси қўли қон эди? Савол яна такрорлангач, «ўнг қўлим», деди.
— Яхши, буни ҳали мутахассисларимиз аниқлаб беришади. Нима билан, қандай кесганингизни ҳам эслаб туринг. Энди асосий гапга ўтайлик: уйга кирганингизда ким бор эди?
— Бугунми? — деб сўради Самандар.
— Йўқ, ўша куни.
— Ҳеч... ҳеч ким йўқ эди.
— Хотинингиз, мен иккинчисини назарда тутяпман, ҳозир қаерда?
— Билмасам... уни тоққа олиб кетсам, деб келувдим.
— Шу гапингизга ўзингиз ишонасизми?
— Мени нима учун бундай сўроқ қиляпсиз? Айбим нима?
— Айбим, дедингизми? Сизнинг тилингизда бу «айб» дейилса, бизнингча «жиноят» деб юритилади, — Омонулло шундай деб портфелидан мурдаларнинг суратини олиб кўрсатди. Самандар бир қаради-ю, дарров кўзларини олиб қочди. — Қаранг, нима учун қарагингиз келмаяпти? Нима учун уларни ўлдирдингиз? Рашк қилдингизми ё бошқа сабаб борми?

Самандар бу саволларни эшитгач, кўзларини катта-катта очиб Омонуллога қаради. Омонулло уни кузатиб, бамайлихотир ўтираверди, бошқа сўз айтмади. Мана шу қисқа муддатли сукут Самандарга ажал ўқининг азобларидан ҳам баттар туюлди. У ўшанда ўликлардан қўрқиб қочган эди, бу қочқинлиги, бу қўрқоқлиги эвазига «қотил» деган нишонга эришувини ўйлаб кўрмаганди. Бўйнига сиртмоқ осонгина туша қолиши етти ухлаб, бир тушига кирмаган эди. «Нима учун ўлдирдингиз?» деган савол уй деворларига урилиб акс-садо бераверди.
— Нима деяпсиз?... Мен.. ўлдирганим йўқ, — деб пичирлаши билан дардини тўсиб турган тўғон бузилиб, йиғлай бошлади.

«Биринчи хотини тўғри айтган экан», деб ўйлади Омонулло.
— Сиз ўлдирмаган бўлсангиз... ким қилиши мумкин бу ишни?
— Билмайман...
— Пичоқ сопида бармоқ изларингиз бор, — Омонулло буни тахминига асосланиб айтди. Пичоқ сопи, эшик тутқичи, темир жавон, яна айрим буюмлардаги бир хил из Очиловга тегишли, деб гумон қилинган эди. Гумон ҳақиқатга айланиши учун бир неча дақиқадан сўнг Самандарнинг бармоқ излари олинади. Унга қадар эса тахминга суяниб иш кўриш ҳам мумкин.
— Мен ўлдирганим йўқ, ишонинг. Мен кирганимда улар...
— Ўлганмиди?

Самандар бош ирғаганича гўдак каби йиғлайверди.
— Унда нима учун «кўрмадим» дедингиз?
— Қўрқдим...
— Нимадан... ёки кимдан?
— Ўликдан... ўликдан қўрқаман.
— Қизиқ... сиз қўрқсангиз, мен қўрқсам, мурдани кимдир кўмиши керак-ку? Ўликни кўра туриб қочиб қолганингиз ақлга сиғмайдиган иш. Дейлик, сиз қотил эмассиз. Лекин кирдингиз, кўрдингиз, хотинингиз бу аҳволда, ёнида эса бир эркак. Танирмидингиз уни?
— Йўқ, йўқ, танимайман.
— Хотиним билан ўлиб ётган бу эркак ким экан, деб қизиқиб қарадингизми ўзи?
— Йўқ... очиғини айтсам... қарадиму юзини кўрмадим. У... юзтубан ётган экан.
— Нима? Юзтубан? Адашмаяпсизми?

Самандар бир оз ўйланиб, сўнг айтганини такрорлади. Омонулло эса ажабланиб чалқанча ётган мурданинг суратига қараб олди. «Агар бу ўлдирмаган бўлса, демак, қотил уйда эдими, у чиқиб кетганидан кейин мурдани ўгириб қўйдими?» Омонулло бу масалада турли гумонларга борди. Бироқ, бу ишни Тошболта ҳам қилган бўлиши мумкин деган фикр унга хиёнат қил-ди — гумонни ойдинлаштирмади.
— Демак, сиз кирганда булар ўлиб ётишган экан. Эслангчи, пичоқдаги қон илиқмиди ё қотиб қолганмиди?
— Илиқ эди... сесканиб кетдим, қўрқдим.
— Бармоқларидаги узукларни, қулоқларидаги зиракларни нега олиб қўйдингиз?
— Нима деяпсиз? Ўликдан ечиб оламанми?!
— Балки ечиб олиб сейфга қўйгандирсиз?
— Сиз... туҳмат қиляпсиз, мени кечиринг...
— Унда сейфни нима учун очдингиз?
— Москвага олиб борадиган ҳисоб-китоб ҳужжатларим бор эди. Шуни деб атай келувдим. Бўлмаса тўғри учаверар эдим.
— Сейфнинг калити хотинингизда ҳам бормиди?
— Йўқ. У ерда фақат менинг қоғозларим туради.
— Очинг.

Саросима тўридаги Самандар чўнтакларини пайпаслаб калитни қидирди. Сўнг дипломатини очиб йўғон калитни олгач темир жавонни очди-да, ўзи икки қадам чекинди. Омонулло темир жавон ичида титилган қоғозларга диққат билан разм солиб айрим саҳифалардаги қонли доғни кўрди. Жавонда пул ҳам, қимматбаҳо буюм ҳам йўқ эди.
— Қарангчи, ҳеч нимангиз йўқолмаганми?

Самандар нарсаларни кўздан кечириб «ҳаммаси жойида» дегач, Омонулло экспертларни чақириб қон теккан қоғозларни ажратиб олиб, уларга бермоқчи бўлди. Самандар бунга эътироз билдиргач, қоғознинг доғ қисмини қайчида эҳтиётлик билан қирқиб олишди. Шундан сўнг Омонулло Самандарни даҳлизга бошлаб чиқди.
— Энди шошилмай, бир бошдан айтиб, кўрсатасиз. Айтадиган ҳар бир сўзингиз ё фойда беради ёки аксинча, ўзингизга зарар келтиради. Олим одам экансиз, майли, суҳбатимиз бошидаги довдираганингизни кечирай, аммо бундан буёғига эсингизни йиғиб олинг. Сизни «қотил» дегим келмаётган бўлса ҳам далиллар барибир сизга қарши турибди. Демак, сиз зинадан кўтарилиб чиқдингиз. Йўлда кимни кўрдингиз? Рўпарангиздан нотаниш одам ўтмадими?
— Йўқ... тўхтанг... ҳа, қўшни хотинни кўрдим шекилли?
— Эшигингиз қулф эдими, уни калит билан очдингизми?
— Қулф... — Самандар шундай деб, худди қўлида калит тургандай кафтига қараб олди. — Очиқ эди шекилли... Ҳа, аниқ... очиқ эди. Эшикдан киришим билан димоғимга газ ҳиди урилди. Нафисахоннинг ғалати одатлари бор эди. Иккита-учта човгумни эритиб, ўзларини Худо бир асраган. Қишлоқда газга ўрганмаганларда, човгумни оловга қўйиб эсдан чиқариб кетаверганлар. Яна шунақа бўптимикин, деб ўйлабман. Хаёлим газда бўлиб, хавотирда оёғим остига қарамабман. Ошхонага ўтаман, деб бу... ўликка қоқилдим...
— Йиқилдингизми?
— Йў-ўқ... йиқилмадиму... лекин Нафисахонга кўзим тушди.

Самандар Омонуллонинг буйруғига итоат этиб, мурдаларнинг қай ҳолатда ётганини кўрсатиб бераётганида суратчи чаққонлик билан суратга олиб турди.
— Хўп, хотинингизни сиз ўлдирмабсиз, лекин пичоқ сопини нега ушладингиз?
— Суғуриб олмоқчи бўлгандирман... Ҳа... лекин ушладиму тортиб олишга қўрқдим. Кейин... газ на-фасимни бўғиб қўйди. Деразани очиб, газни беркитдим.

Омонулло очиқ деразага қаради. Дастлаб бу ошхонага кирганида ҳам дераза табақаларининг очиқлигига эътибор берган эди, аммо мурдаларнинг ҳидидан беҳаловат бўлган ҳамкасблар хонани шамоллатиш учун очгандирлар, деб ўйлаганди. Омонулло газ плитасига ҳам диққат билан қараб уччала бурагичнинг очиқ турганини кўрди. Самандар Омонуллонинг назарини уқиб, тезлик билан изоҳ берди:
— Мен юқоридан бураб беркитдим. Ўзимнинг одатим шу: уйдан чиқадиган бўлсам албатта юқорисини бураб ўчираман, шуниси ишончлироқ бўлади. Нафисахонга гапиравериб ҳеч ўргатолмадим...

Чиндан ҳам плита уланган қувур белидаги бурагич газ йўлини тўсган эди. Бу Омонулло учун катта жумбоқ бўлди: «Нафиса Болтаева очса битта бурагич бураларди. Бунда эса уччаласи очиқ... Демак... тўртинчи одамми? Бу олим пиқиллаб йиғлаётгани билан ўз ишига пухта бўлса-чи? Айбсизлигини исботловчи далилларни пишитиб қўйгандир балки?..»

Шу жумбоқ тўрига ўралаётган дамда Мелс Хўжаев кириб келди. Омонулло уни Самандарга таништирди. Самандар беихтиёр тарзда «танишганимдан хурсандман», деб лутф қилиб, қўл узатди. Фақат Мелс Хўжаев эмас, ҳатто Омонулло ҳам бундай танишувга энди дуч келиши эди. Жиноятга алоқадорликка гумон қилина-ётган одамнинг прокурор билан танишгандан хурсанд-лиги бу соҳа одамлари учун ғалати туюлувчи ҳол эди. Ёлғон манзиратдан узоқ бўлган Самандар «танишганидан хурсандлигини» чин дилдан айтган эди. Зеро, у прокуратура вакили билан жиноятга оид қидирув инспекторининг вазифаларини аниқ фарқлай олмасди. У оламга татигулик олим мартабасига етгани билан ҳуқуқ соҳасида деярли ҳеч нарса билмасди. Ҳозир махсус вакил эмас, прокуратура боғбони ёки фарроши келиб сиқувга олса ҳам «менга савол беришга ҳаққингиз борми?» деб ўтирмай жавоб қайтаравериши мумкин эди.

Самандарни ошхонада қолдириб, Омонулло Мелс Хўжаевни меҳмонхонага бошлаб ўтди-да, савол-жавобнинг баёни билан таништирди.
— Қўрқоқлиги аён, лекин қўрқоқнинг ҳам найранги бўлади. Бу уйга бегона одамнинг яширинча кириши мумкинми? Ҳарбий сир ҳисобланган иш билан маш-ғул одамни нариги идора нега қўриқламас экан? Бир суриштириб кўролмайсизми?
— Сўраб-суриштирдим, — деди Мелс Хўжаев мағрур оҳангда. — Фақат унинг ўзини пойлашаркан.
— Тушунмадим?
— Агар уйда бўлса, уй атрофида бўлишаркан. Уйда йўқлигида кузатишмас экан. Тоғда бўлгани учун ўша кунлари қарашмабди.
— Нима қилдик? Ҳибсга олсак, жиноий иш очсак...
— Ҳозирча бошқармадаги вақтинча ҳибсхонага ташланг. Бошқа идора аралашса, ўзлари билишади. Бош-қача эҳтиёт чорасини қўллаш мумкин эмас.

Самандарнинг гапларини эшита туриб «шаҳардан чиқмаслик ҳақида тилхат олиб, уйида қолдираверайлик» деган фикр келган, аммо бу фикр заиф туюлиб, қарор даражасига етмаган эди. Мелс Хўжаевнинг гапидан сўнг, «маъқул» деб бош ирғади.

Мелс Хўжаев прокуратурада кутишаётганини айтиб, изига қайтгач, Омонулло дераза ёнига бориб кўчага қаради. Унинг ўйга толганини кўриб, Самандар «менинг ишим битди шекилли, бу жиноятга алоқам йўқлигига ишонди», деган хулосага келиб:
— Энди кетаверайми? — деб сўради.

Бу саволдан Омонулло ажабланди. «Эси жойидами бу одамнинг?» деб ўйлаб унга тикилиб қолди.
— Қаёққа кетмоқчисиз?
— Тоққа... у ерда кутишяпти.
— Кутишяпти?.. Кута туришади.
— Бу нима деганингиз? — кўнгли ёмонликни сезган Самандарнинг овози титради.
— Сиз... масала ойдинлашгунича бизнинг... — Омонулло «ҳибсхонада ўтира турасиз», демоқчи бўлди-ю, фикридан қайтиб юмшоқроқ оҳангга кўчди: — меҳмонимизсиз...
— Қамайсизми?
— Бизнинг вазифамиз қамаш эмас, жиноятчини тутиш. Суд деган идора бор, қамашадими ё отишадими, ўшалар ҳукм чиқаришади.
— Ҳаққингиз йўқ... мен жиноятчи эмасман. Кейин афсусланасиз!
— Тўғри айтдингиз. Кейинроқ афсусланмаслик учун биз билан бирга бўлиб турасиз. Айбингиз бўлмаса сизни ҳеч ким ушлаб тура олмайди. Гуноҳсиз эканинигизни исботлаш учун эса вақт керак.

Бу гапларни эшитиб, Самандарнинг лаблари титради, кўзлари пирпиради-ю, йиғламади, ўзини тутди — тақдирига тан берди.

Олти кишига мўлжалланган вақтинчалик ҳибсхонадаги деразага яқин каравотда бир йигит чордана қурганича овқатланиб ўтирарди. Ёзуғлик дастурхон устидаги ошу кабоб, сомсаю олма-анор, помидору бодрингга қараганда унинг маишати чакки эмасди. Дастурхонни ким киритган бўлса ҳам йигитнинг ҳамхоналари нафсини назарда тутган кўринади. Йигит Самандарни кўриб, ўрнидан туриб сўрашди-да, дастурхонга таклиф қилди. Самандар бу хонага бир зумгагина кирган одамдай каравот четига омонатгина ўтирди. Йигит серманзират экан, «олинг, олинг» деб ундайвергач, Самандар ноилож кабоб гўштидан олиб оғзига солди. Қорин оч бўлса-да, луқманинг томоғидан ўтиши қийин бўлди. Шунда йигит ёстиқ остидан шиша чиқарди-да:
— Қиттак-қиттакка тобингиз борми?— деб сўради.

Москвадаги ҳарбийлар шифохонасида Самандарга ичиш қатъиян мумкин эмаслигини айтишган эди. Улар огоҳлантиришмаса ҳам ароқни ўйласа кўнгли айнийдиган бўлиб қолганди. Ҳозир эса йигитнинг таклифидан сўнг ичгиси келди. Шиша ичида жилва қилаётган суюқлик уни дарддан қутқарувчи халоскор бўлиб кўринди-да, «қуйинг», деди. Йигит пиёлани тўлдириб узатди. Самандар икки қултумдан ортиқ ича олмай, қалқиб кетди. Пиёлани дастурхон чеккасига қўйиб йигитга узрли нигоҳи билан қаради. Йигит уни ҳижолатдан қутқариш учун яна таомга таклиф қилди.
— Олим одамга ўхшайсиз, ака, сиқилаверманг. Бошга тушганни кўз кўради, — деди кулимсираб.

Самандар бу гапдан ажабланиб, йигитга қараб қолди.
— Ҳа, акахон, менга тикилиб қолдингиз? Қайси балога учрабди, деяпсизми? — йигит Самандарнинг фикрини ўқигандай кулди. — Ёш йигит туҳматга учрагандир, деяпсизми? Йўқ, туҳмат бўлмади. Ўзим аҳмоқман. Гаровда ютаман, деб қўлга тушиб қолдим. Кечгача чиқиб кетаман. Нари борса эртага эрталаб қўйиб юборишади. Суянадиган тоғимиз жа-а мустаҳкам, ҳа!

Самандар гаров боғлаб қамоққа тушиш мумкинлигини сира эшитмагани учун ажабланди. Йигит эса кулганича изоҳ берди:
— Менинг гулдай ҳунарим бор, ака, ҳеч қачон хор бўлмайман. Мен машина ўғрисиман. Лекин сиз мендан қўрқманг. Аслида мен ўғримасман. Мен қулфни очиб бераман, бошқалар ўғирлайди. Қулфнинг минг хили бўлса мингтасини, миллион хили бўлса миллионтасини очиб ташлайман. Ўтган куни «қиттак-қиттак»нинг устида оғайним билан баҳслашиб қолдик. Олинг, акахон, совумасин, ичиб қўйинг, дардингиз енгиллашади. Хафа бўлаверманг. Бу ернинг номи хунук, ўзи ёмон жой эмас, бир-икки кун дам олса бўлади. Шундай қилиб ўша оғайним билан гаров ўйнадим. Гаровга янги, мойи қуримаган «Газ-31» тикилди. Шунақа машинадан кечадиган аҳмоқмасман-ку, тўғрими? Бир уйга бехитгина кириб, сейфни очиб, калитни олиб, машинани очиб беришим керак экан. Ҳа, машинага ҳам, гаражига ҳам чет элдан олиб келган алламбало қулф ўрнатилган экан. Шу ҳам менга иш бўлибдими? Лекин оғайним номардлик қилди. Қоронғида қарамаган эдим, орқада мент яшириниб ётган экан. Ғип томоғимдан олиб, шу ерга ташлади. Худди кинодагига ўхшайди, тўғрими? Менга-ку барибир, ўша оғайнимга қийин бўлди-да. Олинг, окахон, охиригача ичиб қўйинг, дунёнинг тагига етасиз. Бир пасдан сўнг яна дастурхон киради, қараб турасиз. Ошна-оғайнилар омон бўлишсин, мени хорлатиб қўйишмайди.

Бу гапни Самандар «сизда ҳам ошна-оғайни борми?» деган савол маъносида тушунди. Илгари хаёлига шундай савол келмаган экан. «Бошимга ташвиш тушса далда берувчи дўстим борми?» деб фикр қилган Самандар ҳозир ўзини саҳро ўртасидаги якка дарахт каби ҳис этди. Энди бу дарахт сувсаб, офтоб нурида қовжирайдими? Бу йигит бир неча соатдан сўнг чиқиб кетишини биляпти. Самандар эса ҳибсхонада неча кун ёки неча йил бўлишидан бехабар. Бу ер бир неча кунлик қамоқхона эканини, айб сиртмоғи бўйнига астойдил солинадиган бўлса бошқа жойда аламлар тузини тотмоғини ҳам билмайди. Уни ҳозир изтиробга ташлаётган нарса — ўн йил ётса ҳам, ҳатто қотил деб отиб ташланса ҳам биров билмай қолиши мумкин. Билганда ҳам афсусланмаслиги, куймаслиги аниқ. Опа-сингилларининг келиши ҳам маҳол. Улар ўз оилалари, ўз ташвишлари билан банд. Бу шаҳарга ҳали бирон марта ҳам келмаган тўнғич опасининг турмуш ташвишларидан ортиб, қамоқдаги укасини йўқлашини тасаввур қилиш қийин. Қишлоққа икки йилдан бери бормаётгани инобатга олинса, меҳр-оқибат ипларининг заифлашиб, балки чириб, узилишга мойил бўлиб қолгани табиийдир. Амакиваччаларию холаваччалари билан қачондан бери борди-келди қилмаслигимни ҳатто эслай олмайди.

Серманзират йигитнинг гапларидан кейин хаёлини ўзидан узоқлашган дўстлари, қариндошлари тўла эгалламади. Ўзини йўқловчи меҳрибон йўқлигидан бир оз ўксинди-ю, сўнг бўлажак тақдирини ўйлади. Йигитнинг манзиратлари ҳам, эзмалиги ҳам ёқмай қолди. Узр айтди-да, эшикка яқин каравотга ўтиб, чўзилди. Йигит ҳам нафсини қондириб бўлгач, таомларни дастурхонга ўраб қўйди-да, бўш каравотга ўтиб ётди. Ётган жойида керишиб, роҳатланди. Дам ўтмай енгил хуррак ота бошлади.

Самандар эса шу топда ўз сирига маҳрам бўла олгувчи одамга ҳожат сезди. Аҳбобга муҳтожликнинг қамоқ азобларидан ҳам баттарроқ эканини фаҳмлади. Одамнинг фожиаси ўлим эмас, воҳидлик эканини англаб етмоқ мушкул. Одам боласи истайдими-йўқми, қочмайдими ё қочадими фарқсиз — ўлим шаробини ичади. Воҳидлик эса ўзининг ихтиёри билан юзага келувчи офатдир. Ҳозир Самандар бу офатнинг тариқдай мевасини тотди. Бир неча соатдан сўнг тамаки ҳидига тўлиб кетган бу дим хонани тарк этиб учоққа ўтирганида, Москва сари учганида эса бу азобларни, бу фожиаларни яна унута бошлайди.

Ҳозир эса ҳамқишлоқ дўсти Турсунали билан шаҳарда учрашиб қолган онларини лаънатлай бошлади. Москвалик меҳмонлар билан ресторанда ўтирганида маишат қилиш мақсадида кирган ошнаси билан учрашган эди. Кейин совхозига таклиф қилди. Боғда маишат қилишди. Чой кўтариб кираётган Нафисага суқланиб қаради. Бу қарашнинг маъносини уққан Турсунали шу туннинг ўзидаёқ кайфи ошган дўстининг нафсини қондириш чораларини қилди. Чора амал берди-ю, ўша тун баҳонасида Самандар хотинлик бўлиб олди. Энди эса... ўша тунни ҳам лаънатлади...

Умрининг турли нуқталарига лаънат тошлари отиб ўтирганида эшик очилиб соқчи кириб келди-да, йигитни туртиб уйғотгач:
— Қўлингни орқага қил! — деб буюрди.
— Нега энди окахон? — деди йигит уйқусираган ҳолда.

Соқчи унга жавоб бермай қўлини қайириб кишанлади-да:
— Энди ука, шаҳар турмасига кўчадиган бўлдинг. Прокурор сенга иш очганга ўхшайди, — деб афсусини билдириб қўйди.
— Менга иш очадими, менга иш очадиган прокурор ҳали онасининг қорнида ётибди!
— Бўлди, бақирма, юр, — соқчи шундай деб уни елкасига туртиб, олиб чиқиб кетди.

Озод бўлишга ишончи комил бўлган йигитнинг аҳволи шу бўлганидан кейин Самандарнинг аҳволига маймунлар йиғламасмикин? Самандар шу фикрда эзилиб ётганида яна эшик очилди, аммо соқчи эмас нотаниш бир йигит кириб салом берди-да:
— Ўртоқ Очилов, юринг, англашилмовчилик бўлибди, — деди.

Шу англашилмовчилик туфайли, Самандар кутганидек унинг ҳолига маймунлар йиғламайдиган бўлишди.

Самандар ҳибсхонада эзилиб ўтирганида Омонулло Нафиса билан Санжар ишлаган кооперативга яна борди. Бу корхона молиявий аҳволининг текширилуви Омонуллога зарар етказди: ходимлар у билан янада чўчиброқ гаплашишди. Оқибатда Нафиса билан Санжар муносабатларини ойдинлаштира олмади. Нима учун уйга борганлари у учун мавҳум бўлиб қолаве-ради.

Эрталабдан бери қуёш билан беркинмачоқ ўйнаётган ўркач-ўркач булутлар осмону заминга ҳукмронлик ўтказиш қасдида бирлашмоққа киришган эдилар. Офтоб нуридан бебаҳра ер юзи момақалдироқларни кутиб дим бўлиб олди. Азалдан дим ҳавога тоқатсиз Омонуллони тер босди, нафас олиши эса оғирлашди. Қўналғадаги жойидан жилаётган автобусни кўриб ҳуштак чалган эди, ҳайдовчи инсоф қилиб тўхтади. Омонулло олдинги қатордаги бўш ўриндиққа ўтиришдан олдин ойнани ён томонга суриб, очди. Шабада илиқ бўлса ҳам кўкрагига роҳат берди. Бўйнига оқ чит рўмол ташлаб олган ҳайдовчи радио овозини баландлатиб, ашулага маст бўлди. Тўйларни гуллатаётган бу қўшиқ Омонуллога ҳам маъқул келиб, хуфтон дили жиндек ёришди. Ашуладан сўнг бир шоир босиқ, дардли овозда шеър ўқий бошлади:
— Қайтаяпман, ўзимни кўмиб...

Шеърнинг биринчи сатриёқ Омонуллонинг диққатини ўзига жалб қилди:

Тоғлар — ғариб, боғлар — ташландиқ.

Мен кўмилган тупроқ ит бўлиб

Юзларимни ялай бошлади.

Бу сатрларни эшитиб Омонуллонинг эти сесканди. Ҳайдовчи радио овозини пастлаган эди, «Оғайни, эшитайлик!» деб илтимос қилди.

Эй сўқир зот, кўзларингни оч!
Кўзларимда қоним қайнайди.
Қаро кийган қаро қайрағоч
Бу кун мендан тона олмайди.
... Сийналари пажмурда, заҳил
Дарахтларга термулар аёл...

Тириклик ҳолида кўринмаган Нафиса нечундир Омонуллонинг нигоҳи олдида гавдаланди: ўлик аёл эмас, кўзлари очиқ жувон кўринди. Дардли нигоҳи, саволли назари билан қаради: Нафисанинг кўзлари «Мени ким ўлдирди? Нима учун ўлдирди?» деб сўрар, радиода эса шоир бўғилиб шеър ўқирди;

Одам — ҳиссиз буюк ҳақиқат,
Одам — гўрда тирилган армон...
Одам — қатра зардобранг ҳасрат...
Одам — беун, бесукун хаёл...
Одам — боши кесилган булут...
Одам — оғир оёқли Аёл...
Одам — армон ва...
Одам — умид...
Омонуллонинг кўз олдида ўша саволли нигоҳ: «нима учун мени ўлдирдилар? Гуноҳим нима эди?» Омонулло буни билса эди, айтарди. Ҳолбуки билмайди, алҳол унинг асосий вазифаси буни билиш ҳам эмас. У энг аввало «ким ўлдирди?» деган саволга жавоб топиши зарур. «Гуноҳим нима эди?» деган саволига эса Нафиса қиёматда жавоб олади... Ҳозир эса Омонуллонинг хаёлини шоирнинг дардли овози банд этган:

... Хайр энди, менинг хазоним,
Танҳо гўрга сиғдик иккимиз.
Йиғлаётир, куйлаётир жим,
Жони кузда чиққан жисмимиз.
Хайр энди, менинг япроғим,
Бир дунёга сиғдик ҳаммамиз.
Ёш тўкмасин биз учун ҳеч ким —
Биз қайтамиз,
Бир кун қайтамиз.
Хайр энди…
Шеърдан сўнг дардли куй берилиб, Омонуллонинг кўнглига хазинлик эга чиқди. Шу хазинлик ҳукмида ишхонасига қайтди. Навбатчи йигит уни кутилмаган нохуш хабар билан қарши олди: кимдир қора «Волга»да келиб, Самандарни олиб кетибди. Хўжайин Омонуллони кутаётганмиш...

Бошлиқ ҳузурига кирмасиданоқ Омонулло Самандар Очиловни ким олиб кетганини тахмин қилди. Шундай бўлишини кутган эди, аммо кутгани бу қадар тез амалга ошуви унинг ақлини шоширди. Бошлиқ Омонуллога ҳайратомуз янгилик айтмади — унинг гумонини тасдиқлади халос. «Ишга тикиб қўй», деб бир варақ қоғоз узатди. Самандарнинг шаҳардан четга чиқмай туриши ҳақидаги тилхатига Омонулло эътиборсиз қараб қўйиб чиқиб кетмоқчи эди. Бошлиқ тўхтатиб, сўради;
— Бошқалардан гумонинг йўқми?

Омонулло дарров жавоб қайтармади. Кооператив бошлиғи билан Матлуба Тўхтаевага оид ожиз гумонларини айтгиси келмади. Шу боис бир оз ўйланиб туриб:
— Далиллар етарли эмас, — деб қўйди.
— Очилов эканини исбот қилиб бера олармидинг?

Бегона уй остонасига қадам қўяётган одам ичкаридаги жиҳозларни таърифу тавсиф қилишдан ожиз бўлганидек, Омонулло бу саволга жавоб беришга қодир эмасди. Бошлиқ унинг аҳволини сезиб, жавоб талаб қилмади, аксинча далда берди:
— Бўпти, ишингни давом эттиравер. Бирор гап чиқса, ҳузуримга кирарсан. Сен хафа бўлаверма. Уни бир марта сўроқ қилишга улгурибсан, шу ҳам катта гап! Агар далиллар Очиловга қадалиб қолаверса... сен зўриқма... биз иложсизмиз. Боравер...

Бир неча кун аввал Самандарнинг ишхонасидаги суҳбатда «қонун олдида ҳамма тенг», деб катта кетган Омонуллонинг қулоқлари остида тепакалнинг «ҳаётда эса, азизим, бутунлай бошқа. Шуни ҳали ҳам тушуниб етмадингизми?» деган гаплари жаранглади. Омонулло ўзини оғзидаги луқмасини олдириб қўйган анқов ҳолида деб ҳисобламади — ўксинмади.

Омонуллонинг иш услуби ҳамкасбларидан озгина фарқ қиларди: у бирон жиноятга алоқадор деб икки кишидан гумон қилса, учинчи, номаълум одам учун ҳам жой қолдирарди. Мазкур услуб фойда берган дамлар ҳам бўлган: гумондагилар озод қилиниб, мўлжалда йўқ номаълум одамнинг изига тушилган. Агар Самандарнинг газ масаласидаги гаплари найранг маҳсули бўлмаса, Омонулло калаванинг бир учини топди, дейиш мумкин. Кимдир чиндан ҳам газни очиб қўйган бўлса, демак, ўша «кимдир»ни қидириш керак. Самандар Очиловга даъво йўқ — ўликни кўриб қочган одам жиноятчи ҳисобланмайди. Хотинининг ўлигини кўммаса ҳам, дафн этилган ерини зиёрат қилмаса ҳам жамият айбламайди. Буларнинг ажри ҳам қиёматда берилади.

Омонулло хонасига қайтиб жойига ўтирди-да, стол ғаладонидан исмлар ёзилган қоғоз парчаларини олиб, яна фолбин каби ёйди. Кейин тўртинчи қоғоздаги сўроқ белгилари ёнига ундов белгилари қўйгач, «Самандар Очилов» деб ёзилган варақни чизиб-чизиб ташлади-да, жаҳл билан ғижимлаб, елимтўрсаватга улоқтирди. Кўзларини юмиб, беҳол одам каби ҳаракатсиз ўтирди. Кейин ўрнидан туриб ғижим қоғозни олгач кафтлари билан силаб, текислаб жойига қўйди.

Деразага ўрнатилган совутгичдан илиқ ҳаво уфурилаётгандай нафаси бўғилиб, ташқарига чиқди. Ҳовлида ҳаракатсиз туришидан бир маъно кўрмагач, кўчага йўналди. Бозорга бориб қоғоз халтани тўлдирди-да, шифохонага қараб йўл олди. Опасининг аҳволи яхшилангани учун умумхонага ўтказилган экан, кириб уни зиёрат қилдию сўнг отасини, шу баҳонада қайнона-қайнотасини ҳам йўқлашни мақсад қилди.

Ҳовлига сув сепиб салқинлатган Бобомурод Омонулло кириб келганида бўй чўзиб қолган райҳонларнинг гулларини чимдиб узаётган эди. Тутинган ўғлини кўриб чеҳраси очилди. Бу дунёда бир тутинган синглисию бир тутинган ўғлига суяниб яшаётган Бобомуроднинг қувониши учун кўп нарса зарур эмас: синглисининг очиқ юз билан гаплашиб ўтириши ёки Омонуллонинг эшикдан кириб келиши унинг учун бахтли дақиқалар ҳисобланарди.

Омонулло ичкари киришга унамай икки қулочли узун тахтадан ясалган ўриндиққа ўтирди. Бобомурод ичкари кириб ликопчада гилос кўтариб қайтди-да, Омонуллонинг ёнига ўтириб, ликопчани ўртага қўй-ди, Омонулло отасининг кўнгли учун гилосдан тотиб кўрди.
— Опангни Худо бир қайтиб берди, ҳозир тузук. Дардини ичига ютавериб, ютавериб юрагини абжақ қилиб ташлаган.
— Кириб кўрдим, руҳлари тетик.
— Балки шу баҳона бўлиб анави касалларидан ҳам қутулиб кетар, а?
— Ким билади?..

Омонулло шундай дейишга деди-ю, тилини тишлади. Отаси умид билан сўраган эди, «Ҳа, тузалиб кетади», деса бу умид қувват оларди. У эса мужмал жавоби билан ўша умидни ҳам бўға қолди.
— Шунақа ҳодисалар бўлган, эшитганман, — деди-ю, аммо фурсат ўтган, умид чинниси аллақачон ерга тушиб, дарз кетган эди. Кейинги гап дарзни чегалагани билан изни йўқотмасди.
— Ўзинг қалайсан? Ишингнинг мазаси йўқ шекилли, а?
— Ишлаб юрибман...
— Менга қара-чи? — Бобомурод шундай деб унинг кўзларига тикилди.

Йўқ, Омонулло бу ўткир нигоҳга дош беролмайди. Дастлаб учрашганида ҳам қарай олмаган.

Ўшанда овози раста бўлаётган ёшда эди. Қўшни синфдаги қизга кўнгил қўйди. Юрса ҳам, турса ҳам фақат ўша қизни ўйларди. Ҳатто ота-она соғинчини ҳам унутган эди. Қизлар байрами яқинлашиб, уни сов-ға масаласи қийнаб қўйди. Унинг назарида байрам совғаси барча муаммоларни ҳал қилиб бериши лозим эди. Ечилажак муаммолардан бири — қиздан ҳеч бўлмаганда биттагина ўпич олишга эришмоқлик эди. Айнан шу биринчи ўпич умид дарёсини тўсиб турган тўғонни бузар, висолнинг нурли чўққисини инъом этар эди. Аммо... ота-онасидан ажраб етимхонага тушган ўсмирда пул нима қилсин? Ўйлай-ўйлай чорасини топди: умрида бир марта, ҳа, фақат бир мартагина ўғирлик қилиш аҳди билан автобусга чиқди. Қайси чўнтакда пул борлигини аниқлаш санъатидан маҳрум бу боланинг ўша куниёқ қўлга тушиб, қамалиб кетиши ҳеч гап эмас эди.

Ўша куни, ўша дақиқада, худди ўша автобусда Бобомурод ҳам бор эди. Унинг зийрак нигоҳи қўналғада жавдираб турган Омонуллога тушганидаёқ, боланинг шум ниятини пайқади. Шу сабабли одамлар орасидан ўтиб, орқа эшикка яқинлашди-да боланинг ёнига туриб олди. Омонулло титроқ қўллари билан дуч келган чўнтакка тушмоқчи бўлганида билагидан маҳкам ушлади-да, автобус тўхтагунича қўйиб юбормади. Автобус тўхтагач, «қани, юр», деди-да, болани қарийб судраб тушди. Қўрқиб кетган Омонулло қаршилик билдиролмади. У «милиса ушлаб олди, тамом, энди қамайди», деб ўйлаган, ўғрининг қўлига тушгани хаёлига ҳам келмаган эди.

Бобомурод уни боғ томон бошлаб бориб, ўзи ўриндиққа ўтирди-да, боланинг кўзига тикилди:
— Қани, менга қара-чи, фақат тўғрисини айт, нимага ўғирлик қилмоқчийдинг?

Омонулло пиқиллаб йиғлай бошлади.
— Ўчир! Мишиғингни арт! — деб дўқ урди Бобомурод. — Соқол-мўйловинг чиқиб қолибди-ку, эркакмисан ўзинг?! Нимага йиғляпсан?
— Қўлимни қўйиб юборинг...

Қўйиб юбориш ўрнига Бобомурод унинг билагини янада қаттиқроқ қисди:
— Айт, деяпман: нимага бировнинг чўнтагига тушмоқчи бўлдинг?
— Тушмоқчимасийдим.
— Сен ўғил бола бўлсанг — мард бўл, тўғри гапдан қочма. Тўғрисини айтсанг, қўйиб юбораман, алдамоқчи бўлсанг — ўзингга қийин. Шу қўлингни аввал куйдириб, кейин терисини шилиб оламан. Киссавурнинг жазоси шу бўлади. Аслида-ку, кесиш керак, майли, ёш экансан, аяйман, куйдириб қўяқоламан.

Бобомурод худди шу ишга жазм қилгандай ишонарли оҳангда айтиб, боланинг эсхонасини чиқариб юборди.

Омонулло бу одамдан осонликча қутула олмаслигини англаб, йиғламсираган ҳолда:
— Ойим оғир касаллар, дорига пул йўқ... — деди.

У ҳам ўз хаёлида бу гапни ишонарли оҳангда айтган бўлди. Титроқ овози ишонтиришга ундаса-да, кўзлари алдай олмади.
— Қани, менга қарачи, — деди Бобомурод, боланинг даҳанини ушлаб. — Яна ёлғон гапиряпсанми? Менинг кўзларимга бир қарагин: булар кўз эмас, рент-ген. Тўғрисини айтсанг, керакли пулни ўзим бераман. Ўғил бола гап — шу!

Омонулло яна бир марта алдагач, Бобомурод унинг юзига тарсаки тортиб юборди.
— Сен ўғри эмассан, сен қўрқоқсан, сен ҳезалаксан! Ўғирлик ҳам қўлингдан келмайди!

Бу гаплар Омонуллонинг қўрқувдан ярадор қуш каби потраётган юрагига далда бўлди-да, тўғрисини айта қолди. Аммо шунда ҳам қўли бўшамади.
— Энди қўйворинг, — деди ялиниб.
— Ҳали бизнинг савдомиз пишмади, бола-пақир. Сенга ваъда бердимми, демак, бажараман. Қўлинга-ку, пул бермайман. Магазинга борамизу кўнглингга ёққан нарсани кўрсатасан, нархига қарамайсан, миллион сўм бўлса ҳам олиб бераман, ўғил бола гап битта бўлади! Унгача битта-иккита нарсани сўрайман, жавоб берасан: нима учун отангга ё онангга айтмадинг, ё уялдингми, а?

Ота-онасига доир ҳар қандай савол Омонулло учун ғоят оғир юк эди. Етти ёшида етим қолганини айтиш чоғида гўё унинг юраги тўхтаб қолгандай бўлаверарди. Отаси билан онаси ишдан қайтаётганда тушган автобус музлаган йўлда тийғаниб, чуқур жарлик тубида оқувчи анҳорга қулаган, уларнинг мурдалари эртасига чиқариб олинган, эр-хотиннинг жасади уйда бир кеча «меҳмон» бўлиб, тонгда ерга қўйилган эди. Бели боғланган етти ёшли Омонулло икки тобут олдида бўзлаб борганди.

Ҳозир нотаниш одамга шуларни айтиб бериши керакми? Оғир бўлса ҳам айтгиси келди. «Раҳми келиб қўйиб юборар» деган ниятда узуқ-юлуқ сўзлар билан ҳолини баён қилди. Амакисиникида ярим йил яшаб, сўнг болалар уйига берилганини ҳам яширмади. Бу сафар Омонулло адашмади: чиндан ҳам Бобомуроднинг унга раҳми келди. Чап қўли билан бошини силади-да, ёнига ўтирғизди.
— Сен фақат қочиб кетма, бола-пақир, — деди ҳорғин овозда, — мен милиса эмасман. Терингни ҳам шилмайман. Шунчаки сени қўрқитиш учун айтгандим. Агар рост гапираётган бўлсанг, ҳаётинг меникига ўхшаб кетаркан. Мен ҳам сенга ўхшаб ғирт етимман. Сен бир пас қимирламай ўтир. — Бобомурод шундай деб сигарет тутатди.

Дастлаб «бола ўзи истаб шу кўчага киряпти, шогирдликка боп экан», деб ўйлади. Сигарета чекиб бўлгач, дўконга бориб, совғани олиб берди, сўнг Омонуллони болалар уйига кузатиб қўйди. Эшик оғ-зида:
— Бирон нимага муҳтож бўлсанг, менга айт, — деб тайинлади. Кейин: — агар хоҳласанг, мени «амаки», де. Хоҳласанг, тарбиячиларингдан сўраб уйимга олиб кетай, бугун меҳмоним бўл, — деди.

Омонуллога бу таклиф маъқул келди. Омонулло «бу одамнинг ота-онаси ҳам бир кунда ҳалок бўлишган экан», деб ўйлади. Бобомуроднинг ўсмир чоғида илк марта қамалганида иснод ўтида куйган ота-онанинг бир йил ичида олдинма-кейин қайтиш қилганини анча кейин, аниқроғи, Фотимага уйлангач, қайнотасидан эшитиб билди. Бобомуроднинг ўғри эканини эса бу хонадонга иккинчи марта келган туни тасодифан билиб қолди. Ярим тунда беҳос уйғониб, шериги билан маслаҳатлашаётган Бобомуроднинг гапларига қулоқ тутди. Аввалига қўрқди. Эрталаб нонушта ҳам қилмай қочвормоқчи эди, Бобомурод қўлини ушлаб, тўхтатди:
— Ҳеч қачон бировларнинг гапларига ўғринча қулоқ солма, хўпми? — деди пўписа оҳангида. — Гап пойламасанг ҳам кимлигимни ўзим айтардим. Мен ғирром ўйнайдиган даюслардан эмасман.
— Энди мен ҳам ўғри бўламанми?

Кечаси билан ўйлаб чиққан шу гапини айтиши билан юзига зарбли тарсаки тушди. Сўнг Бобомурод сочини чангаллаб тортди. Омонуллонинг кўзларида тирқираб ёш чиқди.
— Ким айтди буни сенга, аҳмоқ! Билиб қўй: сен ўғри бўлмайсан, ўқийсан, сен одам бўласан!

Бобомурод шундай дегач, Омонуллонинг сочини қўйиб юборди. У «Сенинг одам бўлишинг учун ҳамма нарсадан воз кечаман, ҳатто ҳунаримни ҳам йиғиштираман», демоқчи бўлди-ю, «бола буни тушунмайди», деган фикрда тилини тийди-да, «Ўтир, чойингни ич!» деб буюрди.

Чиндан ҳам Омонуллони деб ўғирликни ташламоқчи эди. То қамалгунига қадар аҳдида туролмади. Қамалгач, озодликда қолган шерикларига хат чиқариб, Омонуллодан хабар олиб туришни тайинлади. Қамоқдан бошқа ҳунар қилиш аҳди билан чиқди. Йўлда Аёлни учратгач, бу аҳди қатъийлашди.

Омонулло мустақил иш бошлаганида Бобомурод унга маслаҳатлар бериб турди. «Табиб — табиб эмас, бошидан ўтган — табиб», деганларидек, жиноят оламининг нозик ерларини Бобомурод яхши биларди.
— Менга қара-чи, менга қара, деяпман, — Бобомурод ўнг қўли билан Омонуллонинг иягини ушлаб, кўзларига тикилди: — Ишларинг «беш»га ўхшамаяпти, бола-пақир?
— «Беш» бўлмаса, «тўрт»дир-да, — деб ҳазиллашмоқчи бўлди Омонулло.
— «Тўрт»га ҳам тортмайди. Қанақа иш кўряп- сан?
— Қотиллик. Икки киши ўлдирилган.

Омонулло шундай деб ишнинг баёни, гумону тахминларини маълум қилди.
— Ҳали ҳам хомсан, — деди Бобомурод бир-икки савол бериб, жавоб олгач. — Сен, бола-пақир, ўқишда ё ёмон ўқигансан, ё дарслардан қочиб юргансан, ё эски пичоққа соп ҳам бўла олмайдиган домлалардан илм олгансан. Ҳар ҳолда бўш калланг, бўшлигича қолган. Менга ўша уйни бир кўрсатмайсанми?
— Мумкин эмас.
— Мен сендан «мумкинми ё мумкин эмасми?» деб сўраганим йўқ. Одам бўламан десанг, ҳаракатингни ўша «мумкин бўлмаган» ишлардан бошла. Сен менга уйни кўрсат, мен сенинг хомлигингни исботлаб бераман. Тур, кетдик.

Тутқунлик (қотилликдан аввалроқ содир бўлган воқеа)

Кошак Қўтосга «хушхабар» етказган, сўнг Нуриддинга ҳамла қилаётган пайтда Тенгиз ҳибсхонада москвалик йигит сўроқларига жавоб бераётган эди.

Уларнинг савол-жавоблари дастлаб самимий суҳбат тарзида бошланди:
— Аҳволлар қалай, княз? — деди йигит кулимсираган ҳолда. — «Княз» деб янглишмадимми?

Тенгиз унга дуч келиши билан бошдан-оёқ разм солиб, кимлигини аниқламоқчи бўлди: кийинишидаги орасталик, ўзини кибрли тутиши, айниқса қарашидаги безовталикдан билдики, у жиддийроқ идорадан. Бошлиққа қараб, менсимаган ҳолда «сиз бўшсиз», деб қўйиши тахминини тасдиқлади. «Суҳбат»нинг жиддий бўлишини фаҳмлаган Тенгиз унинг кулимсирашига мос жилмайиш билан жавоб берди:
— Янглишмадингиз, князман.
— Бу сизнинг лақабингизми?
— Йўқ, бу менинг мартабам, мен князлар авлодиданман.
— Қизиқ, Доғистон тарихида княз Алиевлар борлигини олимлар билишмас экан-да?
— Мен она томондан князман. Княз Иброҳимбекнинг авлодиман.
— Шундайми? — йигит бу янгиликдан ажабланмай, бамайлихотир равишда сигарет тутатиб, Тенгизни ҳам лутфан сийлади. — Сиз санқи ўғрилардан эмассиз, Алиев, ўқиган одамсиз. Моддиюнчилик нуқтаи назаридан қарасак, томирингизда князлар қонининг оқиши сариқ чақалик гап. Аксилмоддиюнчилик нуқтаи назаридан қарасак эса, насли тоза одамнинг пасткаш ўғри бўлиши ақлга тўғри келмайди. Бу фалсафага нима дейсиз?
— Китобдаги фалсафа ҳаёт фалсафасига тўғри келавермайди. Ҳаёт қонунларини фалсафа вужудга келтирмагани қанчалик рост бўлса, фалсафани одамлар яратгани шунчалик ҳақиқатдир. Одамлар эса адашувчилардир.

  

— Ҳаёт қонуни янглишмайдими?
— Йўқ. «Биз олам китобини янглиш ўқиймизда, «у бизни алдайдир», деймиз.
— Шундайми? Ҳали ҳам дуруст экансиз фалсафага.
— Бу менинг гапим эмас, ҳиндларнинг Тҳакур деган ёзувчиси бўлган, эшитганмисиз?
— Бўлса бордир. Айтингчи, княз, тун билан кун ўрнини алмаштириш мумкинми? Мумкин эмас, а?
— Мумкин бўлганда нима ҳодиса юз беради? — деди Тенгиз. — Яна ўша кун, яна ўша тун.
— Ҳа, ана энди ўзингизга келдингиз. Сиз «олам китобини янглиш ўқиймиз», деб турибсиз. Ҳолбуки, аслида ҳаммаси янглиш тузилган. Дунё асли макр пойдеворига қурилган иморат.
— Сиздан бундай гап эшитиш менга ғалати туюл-япти, — деди Тенгиз. — Биз, шарқликларда маккор-лик — ожизлар иши, дейилади. Сиз дунёни ожиз қилиб қўйяпсиз.
— Ҳа. Сиз ана шу ожизликдан фойда кўрмайсизми?
— Мен?
— Ҳа, айнан сиз ва сизнинг ҳамтовоқларингиз.
— Бизга хос олам билан, сиз яшаётган олам бир хил фалсафага, бир хил ҳаёт қонунига бўйсунмайди.
— Биламан. Сиз «инсонлар тақдирини фақат биз ҳал этишга ҳақлимиз», деб даъво қиласиз. Ҳеч маҳал итбалиқ осмонга устун бўладими? Ҳатто наҳангнинг қўлидан келмайди бу иш. Фикримга қўшиласизми?
— Қўшилмасдан бўлак иложим йўқ. Қўли кишанланган одам билан озод одам тенг эмас-ку ахир?
— Дейлик, кишан менинг қўлимда, сиз эса озодсиз. Ҳаёт учун нима ўзгаради? Худди кун билан тун алмашгандай бўлмайдими? Шундай экан, олам китоби устида бош қотириб, баҳслашмайлик. Нима дейсиз?
— Тўғри. Ҳар ҳолда бир ўғри билан фалсафа бобида баҳслашаман, деб келмагандирсиз. Бу ерда гаплашаётганингизга қараганда, жиддий масала борга ўхшайди.
— Сиз учун жиддий туюлиши мумкин. Аслида эса ундай эмас. Биз сизга, яна яйрим дўстларингизга, — йигитнинг бу сафар «ҳамтовоқларингиз» ўрнига «дўстларингиз» деганига Тенгиз аҳамият бериб, янада сергак тортди, — ҳамкорликни таклиф этмоқчимиз.
— Ўғриларнинг қонуни ҳукумат билан ҳамкорликка йўл бермайди, буни билмайсизми?
— Бу гапларни қўйинг, княз. Қонунни ўзгартириш мумкин ёки умуман бўйсунмаслик ҳам мумкин. Биз ўртага жуда кўп нарса тикканмиз сиз озод бўласиз, бойликка эришасиз, истаган чет мамлакатга бемалол чиқиб кетасиз.
— Ҳа, кўнга зўр нарсалар тикдингиз. Ютиб олиш учун нима қилишим керак?
— Сиз аввал розилигингизни беринг. Қолганини кейин гаплашамиз.
— Айтайлик, рози бўлдим...
— Мени «айтайлик...» қаноатлантирмайди. Менга мард ўғрининг гапи керак.
— Мард ўғрининг... кўзлари очиқ бўлади. Баланд минорага чиқиб олиб кўлмакка калла ташламайди. Дарёгами, денгизгами бошлаб бормасангиз ҳам, ҳеч бўлмаса узоқдан кўрсатинг, маъқул келса шўнғишга тайёрланайлик.
— Узоқданми? Ҳа, узоқдан кўрсатишимиз мумкин. Сизнинг тоғлиқларингиз бир вақтлар ёппасига кўчирилганлар. Ўттиз беш йилдан бери эзилиб яшайдилар. Ҳозир улар яшаётган ернинг эгалари уларга қарши зулм тайёрлаяптилар. Сиз шерикларингиз билан уларни ҳимоя қиласиз.

Бу мавҳум гапни эшитиб Тенгиз ўйланиб қолди, «Мурик»нинг айтганларини эслади. Йигит жавоб бер, деб шошилтирмади. Тенгиз тоғлиқлар ким эканини, қаерда зулм тайёрланаётганини фикран аниқлади. Зулм ерликлар томонидан эмас, бошқа томондан ҳозирланаётганини ҳам фаҳмлади-да:
— Ҳукумат ҳимоя қила олмайдими? — деб сўради.
— Ҳукумат аралашгунича сизларнинг ҳимоянгиз керак бўлади. Халқаро вазият оғир ҳозир. Бирданига биз аралашсак, катта миллий шов-шув бўлади. Дарров чет эл бурнини суқмоқчи бўлади.
— Шов-шув денг? Мен эса инглизларнинг мақолини эсладим.

  

— Қани айтингчи? Айтаверинг, сиз билан суҳбатлашиш менга ёқяпти.
— Инглизлар айтишарканки, агар итни бехос ўлдириб қўйсангиз, уни қутурган, деб эълон қилинг, шунда унга ҳеч ким ачинмайди.

Йигит бу гапни эшитиб астойдил кулди.
— Инглизлар бало халқ, — деди у. — Улар камдан кам ҳолларда адашишади. Сиз эса чуқурлашманг. Чуқурлашиш — ҳалокат белгиси. Таклифимга ҳозирнинг ўзида жавоб беринг, демайман. Майли, ўйлаб кўринг. Хотиржам ўйланг, деб бу ерга таклиф қилдим. Сизга маслаҳатим: катта ўғри бўлсангиз ҳам катта кетманг. Эшитишимга қараганда бу ерда «Бифштекс», «Чўмич» лақабли ўғрилар бўлган экан. Уларни кимдир ўлдирганмиш. Биз ҳозирча бунга аҳамият бермаяпмиз. Битта-иккита ўғри ўлса ўлибди-да, нима дедингиз? Аммо сиз яхши кўрувчи шарқликларнинг битта гапи бор: айтадиларки, ҳокимларнинг ғазаби оловдек бўлиб, озгина шамол турса аланга оларкану бу алангани минглаб челак сув билан ҳам ўчириб бўлмас экан. Сиз шамолдан эҳтиёт бўлинг, княз.
— Маслаҳатингиз учун ташаккур, лекин айтингчи, нима учун бу ишга мени танладингиз? Бунақа таклифга жон-жон деб кўнувчи шалтоқлар кўп-ку?
— Биз, княз, шалтоқлар билан ҳамкорлик қилувчиларданмасмиз. Шалтоқ, деб тўғри айтдингиз. Иш тугагандан кейин уларнинг шалтоғини ким тозалайди? Мен сизга денгизни кўрсатдим, сиз эса калла ташлаб тубига етаман, деб овора бўлманг. Бир оз сузиб роҳатланингу соҳилга чиқиб, сўнг истаган ишингизни қилинг. Бошқа нарсани ўйламанг.

Йигит шундай дегач, яна лутф қилиб унга сигарет тутди. Тенгиз бу карамдан миннатдор эканини билдириб, киборларча бош эгиб қўйди.

Москвалик йигит марҳамат эшикларини ҳаддан зиёд катта очди: ўйлаб кўрмоқ учун Тенгизга керагидан ҳам кўпроқ фурсат берди. Қуёш нури тушмайдиган, узунасига уч, энига икки қадам келувчи ҳибсхонада вақт ўлчови йўқ эди. Ўлимтик чироқ нури бунда мадфун одамга лаҳадда эмас, ёруғ дунёнинг бир каталагида жонли ҳолда ётганини далолат қилар эди. Тенгиз ҳибсхонага киритилаётган овқатларнинг сонига қараб орадан икки кун ўтяпти, деб чамалади. Вақт ўтаётгани учун кўп ҳам юраги сиқилмади. Икки-уч кун нима экан, дастлабки қамалганида бундан торроқ, захроқ, сассиқроқ ҳибсхонада ўн бир ой ётиб ҳам синма- ган — шерикларини сотмаган эди. Мана шу каби саботи учун ҳам бошқаларга нисбатан эртароқ тож кийиш мартабасига етган эди. Ҳозирги аҳволи ўшандагисига таққосланса, роҳатланиб дам олиш учун яратилган шароит деб ҳам аташ мумкин. Тенгиз ана шу шароитда москвалик йигитнинг ҳар бир сўзини фикр чиғириғидан ўтказиб таҳлил қилди. Тоғликларни ҳимоя қилиш ҳақидаги гаплари уни кўп ўйлашга мажбурламади. Йигитнинг мақсадни ишора билан эмас, балки юздан саксон фоизини очиқ баён қилиши уни сергаклантирди. Қиморда «қартани очиб қўйиб ўйнаш», деган гап бор. Зўр келганда, рақибга руҳий таъсир кўрсатиш учун тўрт қартанинг учтаси, ёки учнинг иккиси ёки иккининг бири очиб қўйилади. Мардлар тўқнаш келгудек бўлишса барча қарталарни очиб қўйишлари ҳам мумкин, камдан кам ҳолларда содир бўлувчи бу вазиятнинг оқибати ҳам мардона тугайди: ё мол кетади ё жон. Баъзида эса... иккаласи ҳам бараварига... Москвалик йигит шундай ўйин қилиб, жавобни кутяпти.

Йигит кириб қолар, деб кутиб ётганида эшик очилиб, Кошакнинг куйдирган каллани эслатувчи тиржайган башараси кўринди. Унинг ўнг қўлида бир шиша ароқ билан истакон, чап қўлида эса қоғозга ўроғлик егуликлар бор эди.
— Омонмисан, Княз, — у шундай деб қўлидагиларни сўри устига қўйди-да, Тенгизни қучоқлади: — Соғинтириб юбординг-ку, а?
— Сен соғинган бўлсанг, чакки одам эмас эканман,— деди Тенгиз унинг кўзларига синовчан тикилиб. Кошак бу нигоҳга дош беролмай кўзларини олиб қочди. Саросимасини яшириш мақсадида чаққонлик билан шиша оғзини очиб, истаконни яримлатиб қуйдида, «Соғ бўл, Княз!» деб бир кўтаришда бўшатди. Сўнг истаконни тўлдириб Тенгизга узатди.

Тенгиз уч қултум ичиб, истаконни сўри устига қўйди-да:
— Кошак, нималар бўляпти, сен билмайсанми? — деб сўради.
— Билмадим, жинилари қўзиганга ўхшайди. Мени ҳам «етап»га тиркаб қўйишибди. Бугун-эрта жўнатворишади шекилли? «Мурик»нинг ўлимидан барибир хитланишган. Ҳаммамизни ҳар томонга отишса керак?
— Хайрлашгани кирдингми? — деди Тенгиз ундан нигоҳини узмаган ҳолда.
— Шунақа десак ҳам бўлади. Княз, икковимиз ҳисоб-китобни тўғирлаб қўйишимиз керак. Сен Бифштексни бекордан бекорга ўлдиртириб юбординг.
— Ўлдиртирганим йўқ, ўзи лалайди, унинг ўлими бир тасодиф.
— Тасодифми, йўқми — барибир сенинг қўлингда ўлди. Мен у билан катта ишларни мўл қўювдим. Биладиганларини ўзи билан олиб кетди. Мен кўп нарса йўқотдим. Шунинг товонини тўлашинг керак.
— Кошак, сен бу чўпчагингни бошқа бирор лақмага бориб айтгин. Бифштекс сенга ўхшаган аҳмақ билан шерик бўладиган аҳмақ эмас эди. Гапни айлантирмагинда, мақсадингни айт.
— Княз, сен учун ҳамма аҳмоқ. Фақат сенгина ақллисан. Хўп, агар чиндан ҳам ақлли бўлсанг, мен аҳмоққа анави тўнка чучмекнинг бойлиги қаерга беркитилганини айтасан.
— Айтмасамчи?
— Унда тўнкага қийин бўлади. Жонини суғуриб бўлса ҳам билиб оламан.
— Унга тегма.
— Айтасанми?
— Ўйлаб кўраман.
— Яхши. Шу ароқни қуритгунимизча ўйла.
— Кошак, сен «етап»га тушдим, деяпсан. Агар Воркутага бориб қолсанг нима бўлади? Ахир бойлик жанубда-ку?

Кошак ўтирган ерида бир қимирлаб олиб «ишинг бўлмасин», деб ғўдиранди. Бўлажак фитна қаерда тайёрланаётганини аниқлаш учун Тенгизга шунинг ўзи кифоя қилди. «Демак, Кошакка ҳам айтишган, у аҳмақ жон-жон деб кўнган. Унда нима учун менга ҳам ай-тишяпти? Нима учун бу ерга тиқиб қўйишди?» Бу саволларига рўпарасидаги Кошак ҳам жавоб бериши мумкин бўлса-да, «Бу ерга тушиб қолишимда шу тавиянинг хизмати бор», деган фикрдан Тенгиз узоқ эди. Болтиқ бўйларидан келганларни калтаклаш оддий иғво эмас, балки унданда зўрроқ фитна учун «одам танлаш» маросими ёки синов-тажриба ҳам эканини у билмасди. Ана шу маросимда ўзини кўрсатган Кошак синовдан ўтиб, келгуси зулм учун айни мос деб топилди. Суҳбатда Кошак кўп ҳам таранг қилиб ўтирмади. «Қаерга? Нима учун?» деб ҳам гаранг қилмади. «Пул, озодлик, чет эл» унинг учун кифоя эди. Аммо ўзига «қанжиқ» деган «унвон» тақалишини билиб, ўзини ҳимоялаш учун бир-икки шарт қўйди: шартлардан бири — Князни йўқ қилиш ёки чет элга ўтиб кетгунича ҳибсдами, «етап»дами сақлаш эди. Шунинг баробаринда яна бир-икки зирапчаларнинг баҳридан ўтишга изн сўради. Улар кўндилар. Кошак «шартларини тўла бажаришади, Княз шу ерда чирийди», деб ўйлаб янглишди. Тенгизга ҳам шундай таклиф айтишлари, унинг рози бўлиши мумкинлигини у ҳисобга олмади.

Ароқ ичиб бўлингач, Кошак «Қани, айт!» деб бақрайди. Тенгиз гапни чалғитишга уринди, «ертага кел», деб ҳам кўрди. Кошак ғазаблана бошлагач:
— Айтаман, фақт мен билан тенг бўлишасан, — деб шарт қўйди.
— Бекор айтибсан! Сенга сариқ чақа ҳам бермайман, — деди Кошак.

Шу тарзда савдолашиб, бойликнинг тўртдан бири Тенгизга бериладиган бўлгач, сир ошкор этилди.

Кошак ҳибсхонадан қувонган ҳолда чиқиб, Тур-суналини сиқувга олди: ҳали калтак зарбаларидан тўла тузалмаган, битта чертгулик ҳоли бор одамни ҳе йўқ, бе йўқ бўйнига чилвир ташлаб бўғди. Турсунали билан Тенгизнинг гаплари бир ердан чиққач, Кошак мамнун жилмайди.

Тенгиз қачонлардир шундай бўлишини билгани учун, бошқаларни чалғитиш мақсадида Турсуналини пишитиб қўйган эди. «Мурик»ка айтилган жойда бойлик бўлмаса-да, бойликка мўлжалланган ўра мавжуд эди. Кейин айтилган ерда эса ўшандай ўра ҳам йўқ эди.

Тўғри йўлдан бораётган одам қоқилса, нари борса йиқилиб, бирон ери лат ейди. Уларнинг йўлидаги кимса тойгудек бўлса йиқилмайди, пешонаси ғурра бўлмайди — жонини бериб қўя қолади. Бу йўлда очиқ кўз билан, теран фикр билан юришга одатланган Тенгиз Кошакнинг қилиғидан ҳайратга ҳам тушмади, ғазабланмади ҳам. У чап кураги остига пичоқни бегона эмас, ўзининг «биродар»1ларидан бири санчишини кутиб яшарди. Бир кунмас бир кун рамзий маънодами ёки чин маънодами шундай бўлишига ишончи комил эди. Фақат аниқ вақтини билмасди. Кошакнинг ҳозирги ҳаракати ўша рамзий маънодаги пичоқ санчиш эди. Рамзий маъно билан чин маъно ораси эса узоқ эмас— қилча бўлса бордир. Ровийлар дерларки, «Оллоҳнинг шериги бор», дейишдан сақланувчилар ҳеч қачон бир-бирларига душман бўлмаслар». Тангрини танимаган инсон дўстни танийди, деб ишонувчи одам ерга экилган тош ёмғир ёғиши натижасида кўкариб чиқди, деган гапга ҳам ишониши керак бўлади. Биродарлик — бир-бирларига садоқат асосига қурилгани билан, вақти келса зулм оловига кўмишдан ҳам қайтилмаслигини Тенгиз билмайди, дейсизми?

Тенгиз Кошакнинг паттасини қўлига бериб юборгач, ўзининг тақдирини ўйлай бошлади. Ўғрилар қонунига содиқ қолиб москвалик йигитга рад жавобини айтса боши узра тўпланаётган абри бало ўт ёғдириб уни маҳв этмоғи тайин. «Ҳеч нарсадан қўрқмайман», деб керилиб юрувчи ҳар бир биродари каби Тенгиз ҳам бир нарсадан — ўлимдан қўрқарди. Улар ўлим остонасидаги тан азобларидан эмас, дунёни, унинг ишвали ҳаётини эрта ташлаб кетаётганларидан қўрқишарди. Дўстлари каби Тенгиз ҳам «ўлим — ғам-ташвишли ҳодиса эмас, ўлим — никоҳ кечасидир», дегувчи нақлдан бенасиб эди. Охират ва абадий ҳаёт нима эканини билгани билан амал қилмовчи Тенгиз учун ўлимнинг мунис бўлмоғи амри маҳол эди. «Ўлим — Ҳақни севганлар учун тўй ва байрам, нафсни севганлар учун эса ғам-аламдир», дейилганда Тенгиз кабилар назарда тутилганмикин? Ўлимни беадад ғам-алам деб фикр қилувчи Тенгиз ҳаётни арзон-гаровга пуллашни истамади. Москвалик йигит кирганида бир оз гапни чувалаган бўлди-да, битта шарт қўйди:
— Вазифани бажарганимдан кейин яна қамоққа қайтарасиз. Муддатим охирлаб, озодликка чиққанимдан кейин чет элга кетаман.

Йигит бу гапни эшитиб, маъноли жилмайди:
— Князларга хос фикр юритдингиз, Княз. Мен сиздан айнан шундай жавоб кутган эдим. Энди Княз, ишга даҳлсиз бир савол сўрамоқчиман, ўзим учун билишни истадим: нима учун ҳамкорликка рози бўлдингиз? Қўрқдингизми?
— Қўрқдим?.. Йўқ. Саволингизга жавоб оддий — бу ишни мен қилмасам бошқалар қилишади. Мен тўғон эмасман, оқар сув бўлганим дуруст.

Бу ёлғон гап Тенгизнинг ўзига ҳам маъқул келиб, жилмайди.

Тенгиз розилик берган бўлса-да, ҳибсхонадан озод этилмади. Москвалик бу масалага изоҳ бермади. Тенгиз қамоқ лагери ҳибсхонасидан чиққач, Кошак билан яна икки йигитнинг «етап»га жўнатилганини Қўтосдан эшитди.
— Ҳамзатингга кўп осилди. Аммо мен йўл бермадим, — деди Қўтос. — Сенинг рухсатингсиз яна бир иш қилдим: Кошакнинг қанжиқлигини телетайпга қўйдим.
— Боплапсиз. Энди «политбюро»ни тўплаб унга ҳукм чиқаришимиз керак. Ҳукмни балки ўзим ижро қиларман.
— Қанақасига?
— Агар уларнинг ниятларини тўғри пайқаган бўлсам, мени ҳам эрта-индин «етап»га қўйишади. Балки у билан учрашарман. Агар мен ҳақимда «қанжиқ» деган гап кўтарилиб қолса, ишонманг. Бошқалар ҳам ишонишмасин. Агар уларнинг шартига кўнсам, бу розилигим Кошак билан учрашиб, ҳисоб-китобни тўғрилаш учунгина бўлади.
— Қанақа шарт?
— Буни ҳисоб-китобдан кейин айтаман.
— Кошакни борган ерида саранжомлашади, сен уринма, Княз.
— Йўқ, у мени ҳақорат қилди. Қасос фақат менинг қўлимда. Сиз... Ҳамзатга кўз-қулоқ бўлиб туринг. Меҳнатингизга ачинмайсиз, ундан зўр ўғри чиқади, бунга мен кафилман.

Тенгизнинг ишончли оҳангда айтган гаплари Қўтосда шубҳа уйғотмади.
— Чучмекнинг бойлиги нима бўлади? Кошак унинг атрофида ҳам айланди.
— Унинг бойлиги — бизники, ўртаники. Унга ҳеч ким эга чиқа олмайди. — Тенгиз бу масалани майдалаб тушунтириб ўтирмади. Қўтос ҳам «очиқ айт» деб зўрламади.

Қулфнинг калити

Самандар Очилов яшаган уйга яқинлашишганда Бобомурод тўхтаб, атрофга синчиклаб разм солди-да:
— Кўча гавжум эмас экан,— деб қўйди. Зинадан кўтарилаётганда эса яна такрорлади: — Кўча гавжум эмас экан.
— Бунга ўша куниёқ эътибор берганман. Бегона одамни пайқаш осон, — деди Омонулло.
— Дуруст, буни билар экансан.
— Бир-иккита дарсга кириб ўқишга тўғри келган,— деб жавоб берди Омонулло пичинг билан.

У эшик қулфига калит солаётганида Бобомурод ҳар бир ҳаракатини диққат билан кузатди.
— Калит кимники? — деб сўради у, эшик очилгач.
— Жувоннинг отасиники. Биринчи куни олганман.
— Отаси келганда эшик очиқ эканман ё қулфми?

Омонулло бу саволни эшитиб, пешонасига бир шапалоқ ургиси келди: шу оддий нарсани Тошболтадан сўрамаганига афсусланди.
— Қулф бўлган, — деди Бобомурод худди ўзига ўзи гапираётгандай. — Очиқ бўлганида ўликларнинг сассиғи чиқиши билан қўшнилар билишарди. — Бобомурод шундай деб қулфни кузатди: — одамларинг қулфни олиб текширишмабди-ку? Қулфни нимада очиб кирган? Ўзининг калитидами ё бегона калитдами ё михочқичдами? Текширтирмайсанми?
— Текширинглар, девдим, — деб ўзини оқлади Омонулло.
— Сен деяверасан. Улар эса ўз билганларини қилаверади. Сен энг аввало ўзинг криминалист бўлишинг керак. Қара, кулфни маҳкамлаб турган бурама михнинг ариқчасига бўёқ тўлиб қолган. Бурагич тегмаган. Демак, қулф олинмаган, текширилмаган. Қани, ичкари кир, кўрсат.

Омонулло ошхона томонга ўтиб, ўликлар ётган ерни кўрсатди. Бобомурод унинг сўзларини эшитаётган бўлса ҳам, унча эътибор бермай, ювиниш хонасини қайта-қайта кўздан кечирди-да:
— Булар киришганида қотил шу ерда яшириниб турган, эшикни аввал эркак очган, — деди.
— Аввал аёл очган бўлиши ҳам мумкин. Қотилни кўриб, дод деганича қочгандир, кейин эркак қарагану кўкрагидан пичоқ еган. Кейин аёл...
— Балки шундайдир. Ҳар ҳолда «ўйнашлар маишат қилиб ўтиришганда ёки ётишганда эри кириб қолгану...» деган тахминни бекор қилганинг тўғри. Бу ерга «ўйнаш», «рашк» деган гап сиғмайди.

Бобомурод бошқа уйларни ҳам эринмай кузатиб чиқди.
— Аёлнинг қулоғидан, бармоғидан тақинчоқлар олинган бўлса... ўғрининг иши бўлади, — Бобомурод шундай деб Тошболтага ажратилган хона остонасида тўхтаб қолди. Дераза томондаги жавонга, учи бир оз қайрилиб қолган гиламга тикилди:
— Жавонни сенлар сурдиларингми?
— Йўқ, жойида қимирламай турибди.
— Хонада шунча бўш жой туриб, жавон ҳеч замонда деразага тақаб қўйиладими? — Бобомурод шундай деб «жавон аввал қаерда турган бўлиши мумкин?» деб чамалади, сўнг деворга яқинлашиб жимир-жимир гулли қоғозларга битилган ҳарфларни ўқимоқчи бўлаётгандай тикилди: — Жавон узоқ вақт мана бу ерда турган. Яхшироқ қарагин, чанг изларини кўрасан. Энди пастга қара: гиламнинг четларини жавон босиб турган. Уни ким, қачон сурган?

Бобомурод саволига жавоб кутмай гиламнинг бир учини эҳтиётлик билан тутди-да, Омонуллога «бу учини ушла», деб буюрди. Икковлашиб гиламни ўраб, четга сурдилар. Уй ўртасидаги тўртта пол тахтанинг кўчирилганини аниқлаш учун криминалист бўлиш шарт эмасди. Бобомурод «Қалайсан энди?» дегандек Омонуллога қараб қўйди-да:
— Ҳеч маҳал пол тахтанинг бурагич михлар билан қоқилганини кўрганмисан? — деб сўради.

Омонулло ундан кўзларини олиб қочди. Худди шу ерда ўша куни Тошболтанинг жомадонлари турган, шунинг учунми, гиламни кўтариб қараш ҳеч кимнинг хаёлига келмаган эди.
— Одамларингни чақир, текширишсин. Бу ерда нимадир бўлган, — деди Бобомурод. Омонулло навбатчига қўнғироқ қилгач, «Анави вундеркинд болангни бир кўрмаймизми?» — деб таклиф қилди.

Омонуллога бу таклиф маъқул келди. Аслида Самандар билан бўлган учрашувдан сўнг юқори қаватга кўтарилмоқчи эди. Вақт зиқлиги учун «бола яна эзмаланиб, ақл ўргатишни бошласа ишларим қолиб кетади», деб учрашувни кейинроққа сурган эди. «Ҳозир айни пайти» деган фикрда юқорига йўл бошлади. Қўнғироқ тугмасига қўл юборганида ичкаридан «кираверинг, эшик очиқ» деган овоз кутди. Кутган таклиф эшитилмагач, ажабланган тарзда қўнғироқ тугмасини босди. Иккинчи марта босишга улгурмай эшик очилиб, паст бўйли, озғин, рангпар аёл кўринди-да, «келинглар», деб уларга хавотир билан қаради. Омонулло ўзини таништиргач, «Абдуқаюм билан гаплашмоқчи эдим», деб мақсадини айтди. Аёл Бобомуродга бир оз тикилиб қаради-да, «киринглар», деб ичкарига чекинди.

Омонулло ичкари кириб Абдуқаюмнинг бўш каравотига кўзи тушди-ю, кўнглига нохушлик оралади. Бўш каравот, аёлнинг ҳорғин кўринишидан хаёлига турли фикрлар ёғила бошлади. Аёл кўрсатган жойга ўтиргач:
— Абдуқаюм қаердалар? — деб сўради.
— Сурат ишлаяпти, ҳозир чиқади. Унинг овунчоғи шу...
— Сиз оналари бўлсангиз керак?
— Ҳа.
— Аввал келганимда ёлғиз экан.
— Айтди. Мен ишда эдим. Адамиз сафардалар... — Аёл ногирон боласини ёлғиз ташлаб кетганидан ўнғайсизланиб изоҳ берди: — Яқинда ишга кирдим. Аввал уйда эдим. Абдуқаюм «катта бўлиб қолдим, ўзимни ўзим эплайман», деб зўрлади. Ҳадеб атрофида парвона бўлишим ҳам ёқмай қолди шекилли. Шу боламнинг кўнглига қарайманда. Номигагина ишлайман. Уч-тўрт соатга бориб келаман.

Аёл гапларини тугатмай, ичкаридан Абдуқаюмнинг «Ойижон, мен ҳозир тугатаман, меҳмонларга чой бердингизми?» деган овози келди. Аёл «хўп, жоним», деб қўйиб жавон тортмасидан оқ дастурхон олиб стол устига ёйди. У ошхонага чиққач, Бобомурод ўрнидан туриб даразага яқинлашди-да, кўчага қараб олди.

Бир пиёладан чой ичишга улгуришмай ичкари хонадан Абдуқаюмнинг «Ойижон, мен бўлдим», деган овози эшитилди. Аёл ошхонадан қарийб югуриб чиқиб эшикни очди-да, чироқни ёқди. Кейин ичкари кириб аравачада ўтирган ўғлини олиб чиқди. Абдуқаюм очиқ чеҳра билан салом бериб, худди ёш боладек қувнаб кетди.
— Эрталаб келганингизда учрашармикинсиз, девдим. Чиқмаганингиз яхши бўлди, ҳозир сизга «сюр-приз» тайёрлаб қўйдим.

Абдуқаюм шундай деб «бу киши ким?» деган маънода Бобомуродга қараб олди.
— Устозим... — деди Омонулло ўгай отасини таништириб.
— Сиз Самандар акамни қамаб қўймадингизми ишқилиб? — деди Абдуқаюм муғомбирлик билан жилмайиб.
— Йўқ. Қамашим керакмиди?
— Шунақа хаёлингиз бўлган-ку, тўғрими?
— Тўғри. Лекин менда хаёл эмас, гумон бўлган.
— Ҳаммасидан ҳам ана шу гумон ёмонда. Гумон — бир томондан ҳақиқатга қўшни, иккинчи томондан зулмга. Ҳақиқатнинг девори баландроқ, дарвозалари мустаҳкамроқ бўларкан. Дарвозани очишга қийналсангиз, баланд девордан ошиб тушишга эринсангиз деворининг тайини йўқ бу қўшниникига кира қоласиз, тўғрими?
— Унчалик тўғри эмас, гумон кўчасидан ўтмай, ҳақиқат саройига кирилмайди.
— Лекин сиз гумонга асосланиб ҳам қамайсиз-ку, тўғрими? Яна «қамоқ» демайсиз, «еҳтиёт чораси», дейсиз, а?

Омонулло «кўрдингизми бу болани, «вундеркинд» деб тўғри айтдингиз», деган маънода Бобомурод билан кўз уриштириб олди-да, ўсмирнинг донолиги эриш туюлса ҳам фикрларини давом эттираверсин-чи, деб арқонни узун ташлаб, саволларига шошилмай жавоб бераверди:
— Эҳтиёт чораси баъзан зарур бўлади.

  

— Қочиб кетмаслиги учунми?
— Баъзан ундай, баъзан эса бир одамни шерикларининг ҳамласидан асраш учун ҳам шундай чора кўрилади.
— Самандар ака қайси бирига кирадилар?
— Самандар акангиз айни пайтда озодликдалар, тилхат олиб, қўйиб юборганмиз.
— Ие, бўлар экан-ку? Опоқим «қўлларини кишанлаб олиб кетишди», деганларига сиқилиб ўтирувдим. Сизларга барибир-да, олим одамни ҳам каллакесарнинг ёнига қўйиб қамайверасизлар.
— Қамоқда олим одам учун алоҳида имтиёзли хона бўлмайди. Бунақа имтиёзлар, унвонлар, мартабалар озодликда бўлади. У ерда ҳамма тенг. Мартабалари ҳам, имтиёзлари ҳам баб-баравар.
— Китобдаги гапларни айтяпсиз менга. Биринчи марта ўтирган одам билан учинчи ё тўртинчи марта қамалган одамнинг шароити бир хил бўлмайди-ку? Бизнинг бир қариндошимиз борлар. Уч-тўрт йил қамоқда ўтирсалар, озодликда бир-икки ойгина юрадилар. Яна бир бало қилиб қамаладилар. Ўша одам Самандар ака билан ўтирса тенглик бўлармиди? Чойи бўлса чойини ичиб қўяр, сигарети бўлса чекиб қўяр... Менга ўзлари айтиб бердилар: одамларни лақиллатиб қарта ўйнарканлар. «Просто так, «дурак» ўйнаймиз» дерканлар. Кейин «про СТО деганман», деб юз сўмни бўйнига қўярканлар. Сиз айтган тенглик шуми? Нега куляпсиз?

Бобомурод мийиғида кулган эди, йигитчанинг зийрак нигоҳи шуни ҳам илғаб, уни саволга тутди:
— Мен кулгили гап айтдимми?
— Худди қамоқхонада яшаб чиққандай гапиряпсиз, ука, — деди Бобомурод.
— Гапларим нотўғрими?
— Тўғри. Лекин ҳар бир жойнинг ўз қонунлари бўлади. Бу ҳаётда лалайган одам эртами-кечми қамоққа тушиши мумкин. Қамоқда лалайган одам эса лаҳадга тушади. Ҳаёт ҳам урушга ўхшаган нарса, ука. Ким лалайса ё туҳмат ўқига учрайди, ё камбағаллик тўрига илинади, ё яна бошқа бир балога учрайди. Жанг пайтида керишиб, эснаётган одамнинг миясини ўқ ўпириб юборадими? Ҳаётда ҳам шундай. Зийрак одам яшаб қолади.
— Санжар ака лалайган лақмамилар?
— Унақа деганим йўқ. Ман у одамни танимайман. Танимаган одамимга эса баҳо бера олмайман.

Шу пайт Абдуқаюм сурат ишлаб чиққан хонада нимадир чирсиллади.
— Ойижон, суратлар қуриди, қуритгични ўчириб қўйинг, илтимос, — деди Абдуқаюм ошхона томонга қараб. Онаси дарров чиқиб, айтилган ишни бажарди.— Бугун қўлларимга анча жон кириб, суратларни ишлаб қўя қолдим, — Омонулло Абдуқаюмнинг панжалари бу сафар енгилроқ боғланганига эътибор берди.— Ака, сиз кетганингиздан кейин мен кўп ўйландим. Одамлар туғиладилар, яшайдилар, ўладилар. Туғилса — қувонамиз, ўлса хафа бўламиз. Ўша ўлган одам тириклигида ярамас ишларни кўп қилганига қарамай ачинаверамиз, афсусланаверамиз. Мен аввал кўришганимизда ҳам айтувдим: Нафиса опани сиз қидираётган одам ўлдирмаганида ҳам барибир бошқа баҳонаи сабаб билан бу дунёни ташлаб кетардилар. Сиз ҳозир қотилни эмас, сабабчини қидиряпсиз. Биласизми, мен одамнинг ўлганига ачинмайман. Чунки ўлим ҳамма учун аталган неъмат. Мен имонсиз кетган одамларга ачинаман. Имонсиз кетса у дунёдаги аҳволи ночор бўлади, мен шунга афсусланаман. Нафиса опа анча имонга кириб қолай девдилар... савол-жавоблари осон бўлсин, ишқилиб... Ойижоним баъзан менга қараб туриб ранжийдилар, менинг бунақалигимдан эзиладилар, ўзларини айбдор деб ҳисоблайдилар. Дўхтирлар «сизга туғиш мумкинмас», дейишган экан. Дўхтирнинг айтгани эмас, Оллоҳнинг хоҳлагани бўлади. Оллоҳ ойижонимга фарзанд беришни ихтиёр қилдими — дўхтирингиз нима дея олади? Кўп гапиряпти, деб ғашингиз келмасин. Шу гапларни айтиш учун роса ўйладим-да. Сиз қотилними ё бошқа жиноятчиними излайсиз, ушлайсиз, қамайсиз. Лекин бирини қамасангиз иккинчиси тайёр туради. Сиздан олдингилар ҳам қамаб тугатолмаган, сизлар ҳам тугатолмайсиз, кейингилар ҳам. Нима учун, биласизми? Амаки, айтаверайми, жаҳлингиз чиқмайдими?

Бобомуродга бу йигитчанинг ёшига ярашмаган тарз-да ақлли гапларни айтаётгани аввалига сал эриш туюлган бўлса-да, энди хуш ёқаётган эди. Шу боис Омонулло билан кўз уриштириб олиб:
— Гапираверинг, фикрларингиз менга ёқяпти, — деб тўғрисини айтиб қўя қолди.

— Сизларнинг ишингизда битта хато бор: «шу одам нимага қўлига пичоқ олди, нимага ўлдирди, нимага ўғирлади?» деган саволга жавоб қидирмайсиз. Сиз учун бу одамнинг жиноятни бўйнига олгани муҳим. Сабаб муҳим эмас. Сиз ўтни ўриб оласиз. Илдизи эса қолаверади. Мен ўйлаб-ўйлаб шу илдизнинг нималигини билганга ўхшайман. Тўғриси, битта китобни ўқиб туриб шу фикрга келдим. Ҳамма жиноятнинг бир қаноти НАФС, иккинчи қаноти ҚАЛБнинг нурсизлиги, қалбнинг бўшлиги экан. Ойижоним шу китобдан бир неча сатрни ёзиб бердилар, ўқийсизми?

Абдуқаюм шундай деб аравачаси ёнидаги қопчиқдан тўртта букланган бир варақ қоғоз чиқариб, Омонуллога узатди. Омонулло қоғозни очиб аввал сатрларга шошқич кўз югуртирди-да, сўнг овозини чиқариб ўқиб бошлади:
— «Қалбингизни ўйланг! Инсон қалби бир гўшт парчасидан иборат эмас. Қалбда маънавий ҳақиқат, Раббоний латофат жо этилган. Қалб айни пайтда инсон кўнглининг эшиги, деразасидир. Деразадан таш-қарига қараганингизда ерларни, осмонни, юлдузларни кўрганингиздек, қалбингизга боққанингизда ҳам кўнгил оламингизни мушоҳада қиласиз. Бу олам— нуроний олам: тенгсиз, кенг, теран олам бўлиб, арши аълога қадар узаниб кетган. Ўзингизни ана шу оламга ўтганингизни, ҳар тарафингизнинг нурга тўлиб-тошганини ҳис қилинг...» — Омонулло хатни ўқиб бўлиб аввал ўгай отасига сўнг жиддий нигоҳини қадаб ўтирган Абдуқаюмга қадади: — Тайёрлаб қўйган сюрпризингиз шуми?

Омонулло шу савол билан сатрлар маъносини теран ҳис этолмаганини ошкор қилди. Абдуқаюмнинг ўзи бу сатрлардан ғоят таъсирланган, бошқалар ҳам шу ҳолатда бўладими, деб фикр қилган эди. Бу чақириқнинг Омонулло учун оддий гапдай туюлганидан ранжиб, афтини ошкора буриштирди.
— Бу Жўшон ҳазратнинг гаплари. Сюрприз ке-йинроқ бўлади. Сиз аввал сўрайдиганингизни мендан сўраб олинг.
— Бизни бир нарса қизиқтиряпти: пастдаги уйда тарақлаган овоз эшитилмадими? Масалан, мих қоқилганими ё тахтанинг тарақлаганими? — деб сўради Бобомурод.

Абдуқаюм бир оз ўйлаб ўтиргач:
— Эшитилди, — деди. — Лекин мен слесарлар ишлаяптимикин, деб ўйловдим.
— Қанақа слесарлар? Қачон ишлашди?
— Қувурларни, иситгичларни алмаштирамиз, деб юришган экан.
— Сиз уларни кўрдингизми?
— Йўқ, бизникига киришмади. Аввал пастки қаватдагиларникини алмаштиришаркан. Опоқимга учрашибди. Нафиса опам ишда эканлар, «қачон келади?» деб сўрашибди.
— Опоқингиз айтдими?
— Ҳа.
— Омонулло, ЖЭКка қўнғироқ қил. — Омонулло «кеч бўлди», деган маънода соатига қараган эди, изоҳ берди: — Навбатчи бўлади.
— Ҳа, навбатчи бўлади, — деб қувватлади Абдуқаюм, сўнг онасини чақирди: — Ойижон, ЖЭКнинг телефонини беринг.

ЖЭК деб аталмиш идора навбатчиси телефон гўшагини дарров кўтара қолмади. Омонулло тўртинчи марта рақам тергач, норози оҳангдаги «алё» деган товуш эшитилди. Омонулло ўзини танитганидан сўнг «иситиш қувурларини қачон алмаштиришга киришасизлар?» деб сўради.
— Буни хўжайинлардан сўранг. Бугун шанба, эртага якшанба. Индинга келиб сўрайсиз. Биз кичкина одаммиз, — деб жавоб қайтарди навбатчи.
— Хўжайиннинг уйларидаги телефонни беринг, — деди Омонулло.

Навбатчи бир оз иккиланиб тургач, телефон рақамларини айтди. Бошлиқ уйида экан. Омонуллонинг саволига «1989 йилги режада бундай иш йўқ», деб қисқа ва лўнда жавоб берди. Омонулло унинг гапини Бобомуродга айтгач, Абдуқаюм жонланди:
— Ўзим ҳам шундайдир, деб ўйлаган эдим, — деди қувонч билан.

Ундаги бу ўзгариш меҳмонларни ажаблантирди.
— Ойижон, илтимос, суратларни олиб чиқиб беринг, — деб ялинди Абдуқаюм. Аёл турли ҳажмдаги ўнга яқин суратларни олиб чиқиб бергач, Абдуқаюм улар орасидан иккитасини ажратиб, Омонуллога узат-ди: — Қаранг: мана шу одам бир кун олдин «слесарман» деб келган эди. Опоқим билан шу гаплашган бўлиши керак. Эртасига ҳам келган. Мен сурат яхши чиқадими ё йўқми, деб гумонсираб, сизга айтмовдим.
— Бу одамнинг кирганини кўргансиз, чиққанини-чи?
— Кўрдим.
— Қўлида тугунми ё шунга ўхшаш нарсами бормиди?
— Йўқ.
— Уйда тахминан қанча вақт бўлди?
— Бир соатчадир.
— Самандар акангиздан олдин келдими?
— Ҳа. Нафиса опамлардан ҳам олдинроқ келган.
— Самандар акангиздан олдин чиқдими ё кейинми?
— Кейин шекилли... Ҳа, кейинроқ чиқди.

Омонулло «уйда беркиниб турганми? Унда газчи? Очилов газни ўчириб, деразани очган экан. У чиқиб кетганда ҳам уйда қолган бўлса нима учун деразани беркитиб, газни яна очмади? Ёки... нима учун Очиловни ҳам ўлдирмади?...» деган маънода Бобомуродга қараб қолди. Бобомурод ҳам айни шу хаёлда эди.
— Тўхтанг... — деди Абдуқаюм ўйланиб олиб. — Самандар ака машинадан тушганларида кимдир юқори қаватга кўтарилди. Самандар ака қайтганларидан ке-йин пастга тушди. Кейин... шу одам кўчага чиқди.

Омонуллонинг «зинада рўпара келиб қолишдан чўчиб юқорига кўтарилганми?» деган савол назарига Бобомурод тасдиқ ишорасини қилди.
— Бу суратни бизга бериб тура олмайсизми? — деб сўради Омонулло.
— Марҳамат, сиз учун атай ишладим...
— Лекин... биз ҳақ тўламаймиз-да? — деди Омонулло кулимсираб.

Абдуқаюм аввалги учрашувдаги гапига шамаъ қилинганини фаҳмлаб кулди-да:
— Америкага борганимизда тўлайсиз, — деди.

Бобомурод бу ҳазилга тушунмай, бир тутинган ўғлига, бир йигитчага ажабланиб қаради. Абдуқаюм эса қолган суратларни ҳам Омонуллога узатди:
— Ўша куни қўлим шикастлангунича олган суратларим: Самандар ака ҳам борлар.

Чиндан ҳам машинага ўтираётган Самандар суратга тушиб қолган эди. Ўриндиққа ўтираётиб уй деразасига ўгирилиб қараган Самандарнинг кўзларида ҳадик муҳрланган эди. «Бечора эр», деб ўйлади Омонулло унинг жавдираган кўзларига қараб.

Уй бекасини «овқат тайёр бўлиб қолди, ўтиринглар», дейишига қарамай, хайрлашиб, пастга тушдилар. Омонулло қўшни эшик қўнғироғи тугмасини босди. Абдуқаюмнинг опоқиси слесар ҳақидаги гапларни тасдиқлаб, суратдаги одамни ҳам танигач, Бобомурод «хомлигингни исбот қилдимми?» деган маънода муғамбирлик билан кулимсиради.

Бу орада етиб келган текширувчилар гуруҳи Омонуллодан топшириқ олиб, бетўхтов равишда ишга киришдилар. Омонулло Бобомуродни «вазирликдаги устозим», деб таништиргани учун «устоз» уларнинг ишларига аралашди. Кўчириб, сўнг ўрнига қўйилган тахталарни олиш қийин бўлмади. Бу ердан нимадир қидирилгани аниқ эди. Аммо ўша «нимадир» топилганми ё йўқми — шу номаълум эди. Бобомурод ҳар бир нуқтани синчиклаб текширишни талаб қилди. Оқибатда бураб олиниб сўнг жойига қоқилмаган михга қон теккани аниқланди. Шу михқалпоғида бармоқ изларининг қолгани улар кўнглига чироқ ёқди. Бармоқ излари полтахталари остида қолиб кетган қўлбола бурагичда ҳам бор эди.
— Бармоғини уриб олган ёки нимадир кесган. Бурагични йўқотиб, тополмаган. Шубҳасизки, шошилган. Агар излаганини тополмаган бўлса, асабийлашган, — деди Бобомурод.
— Асабийлашса тахталарни жойига қўйиб, гиламни ёпармиди?
— Ҳамма ёқни ағдар-тўнтар қилиб ташлаб кетарди, демоқчимисан? Агар хом ўғри бўлса, шундай қилади. Дурустроқ нарсанинг исини олган бўлса, дарров сир бой бермайди. Бу ердан бўлмаса бошқа жойдан чиқишини кутади. Пайт пойлайди. Ҳар ҳолда у уй эгаларининг келиб қолишларини кутмаган. Агар улар ҳаммомга мўралаб уни кўриб қолишмаганда ўлишмаган бўлишарди.

... Шу каби турли тахминлар билан ярим кечада уйларига қайтишди. Эртасига бармоқ излари ва сурат бўйича тегишли сўров юборилди. Жавоб узоқмади: «Павел Онопко. Херсонда туғилган. Лақаби — Кошак. Украина ССР жиноят кодексининг (...) моддалари билан озодликдан маҳрум этилган. Ҳозир Иркутскдаги (...) қамоқ лагерида...»

Иркутск? Омонулло Тошболтанинг «Иркутскка борувдим» деган гапларини эслади. Эслади-ю, «Ўша ерда изига тушдими?» деган савол хаёлини ёритди. Кейин «Ахир у қамоқда бўлиши керак-ку?» деб ўйлаб, нав-батдаги сўровни юборди. Бу орада Нафисанинг ўйнаши ёдига тушиб, тортмадаги қоғозлар орасидан Матлуба берган хатларни ажратди-да, манзилига қаради. Қаради-ю, рўпарасидаги зимистон ёришгандек бўлди. Эшик қулфининг калит билан эмас, ясама михочқич билан очилганини далилловчи хулоса эса унга энди аҳамиятсиздек туюлди.

Якшанбани архивга оид маълумотларни ўрганиш билан ўтқазиб, уйига кеч қайтди. Уйқуга тўйиб улгурмай телефон жиринги уйғотди...

Учинчи баён: Ойдинлик

Нафиса

Бу дунёдаги ҳаёт қилкўприк эмас, унданда хавфли, унданда баттароқдир. Балки устара тиғи устида яланг-оёқ юришга қиёслаш ўринлидир? Воқеан шундай. Устара тиғи десакда, қилкўприк десакда фарқсиз — Нафиса бу йўлда юра олмади — тойди. Унга бу йўлда қандай юрмоқ лозимлигини ўргатмадилар. Заҳарни «асал» дедилар — ишонди, зулматни «ойдинлик» дедилар — кўнди, азобни «роҳат» дедилар — маъқуллади... Сассиқ кўлни мавжли денгиз деб хаёл қилиб адашганини, ойдин йўл дегани бахт саройига эмас, дўзах қопқасига етаклаганини кеч англади. Агар уйида ўлим топмаганида балки «кеч англади» демоғимиз ўринсиз бўларди. Ҳаром-ҳалолнинг фарқига эндигина бораётган жувон учун покиза денгиз йўллари очиларми энди?..

Бир куни ишхонасидаги аёлнинг «Ҳар биби сешанба куни ош дамлаб муҳтожларга чиқараман, шунинг учун Худо мушкулларимни осон қилади», деган гапи Нафисага таъсир қилди. Фариштали оила деб аталмиш бахтдан бошқа ҳамма нарсаси бор Нафиса кейинги ҳафталарда ўзи сезмаган, ўзи истамаган ҳолда эзила бошлаган эди. Турсунали акаси у ёқда, эри тоғда бўлган жувоннинг ёлғиз қолиши азоб эди. Йўқ, Нафиса ўгай онаси таъриф этган даражадаги тоифадан эмасди. Эрсираб қолгани ҳам йўқ эди. Фақат аёллар оилаларидан гапиришса, ҳатто турмуш қийинчиликларидан нолишса ҳам уларга ҳаваси келадиган бўлган эди. У эр ҳукмрон бўлган кўп болали оилага эга бўлиш орзусида яшай бошлаган эди. Чиройли ёки пулдор эр ҳаваси шамолда қолган шамчироқ сингари умри поёнига қараб борарди. Шинам оила орзусида у ош дамлади. Икки ён қўшнисиникига бир косадан чиқарди, бир косани олиб юқори қаватга кўтарилди. Абдуқаюм уйда ёлғиз эди. Нафиса очиқ эшикдан кириб, косани аравачага мосланган стол устига қўйди. Нафиса қўшни аёлларнинг бу хонадонга кириб, гаплашиб ўтиришларини биларди, «бу бола кўп китоб ўқийди, бола эмас — бало!» деган таърифни ҳам эшитган эди. Шу сабабли Абдуқаюмнинг «Нафиса опа, бир пас гаплашиб ўтиринг», деган таклифини рад этгиси келмади.

Шундан сўнг ёлғизлик азобига Абдуқаюмнинг суҳбатлари малҳам бўла бошлади. Шу ерда унинг тош юраги юмшагандай бўлиб, зулматдаги қалбига иймон нури аста мўралади.

Омонулло Нафисанинг ишхонасига борганида столи тортмасидан ўн икки варақли дафтар олинганини билмас эди. Нафиса бу дафтарга нималарнидир ёзар, кейин узоқ тикилиб ўтирар эди. Бу ҳолатга қизиққан ҳамхона аёл унинг ўлимидан сўнг дафтарни олиб ўқиди-ю, аммо жойига вақтида қўйишни унутди. Омонулло келганида эса дафтарни унинг қўлига тутқазишдан чўчиди. Шу боис Нафисанинг қалбидан ўтганлари сир бўлиб қолаверди.

Нафиса Абдуқаюмнинг китоблардан ўқиб берганларини эслаб, айрим гапларни эса ёзиб қўйишни одат қилган эди.

«Сени ҳақиқатдан узоқлаштириб, ёмон одатларга яқинлаштирган кимса энг ифлос одамдир...» — Абдуқаюм шундай дедилар. Унда... Энг яқин одамларим... энг ифлос одамлар экан-да... Вой, Худойим, бу не кўргулик...»

«Эй Одам фарзанди! Дунёга ёмонлик тарқатганни асло олқишлама! Бу олқишинг сени зулмларнинг энг даҳшатлисига олиб боради...» — Мен шундай қилдимми? Энди зулмнинг энг даҳшатлисига учрайманми? Вой, Худойим, бу не кўргулик...»

«Эй бойлиги билан мағрур бўлган инсон! «Фалончиман!» деб кибрланма, балки «Асли ўзим кимман?...» деб фикрла. Бугун молига мафтун, авлодига мажнун бўлган эй инсон! Кўз юмган кунинг аччиқ-аччиқ ҳақиқатни кўргач тушунасан... Мол-дунёнг кўплигидан севинма, ҳалол қўлга киритганингдан севин. Чунки ҳаром даромад сени оқибат азобга дучор қилади...» — Бу азоблар ҳали менга каммиди... Вой, Худойим, бу не кўргулик...»

«Қалбида иймон нури бўлмаган инсон — уйқудадир. Уни фақат ўлим уйғотади. Шу сабабли Расуллулоҳ «инсонлар уйқуда, ўлганларида уйғонадилар», деган эканлар...» — Мен қандай уйғонар эканман, Вой Худойим...»

Ҳамхона аёл бу сатрларни ўқиб кўп ҳам таъсирланмаган, «ескичага ўқиётган эканда», деб қўя қолган эди. «Қалбнинг нурланиши» деган тушунчадан узоқ бўлгани учун ҳам Нафисанинг сатрларига кўчган туйғуларига ҳамроз бўла олмаганди. Дафтарни Омонулло ўқиган тақдирда ҳам «қотилни аниқлашга ёрдам берувчи далил йўқ», деб қўя қолар эди.

Идора хўжайини «милисага «ғинг» десаларинг оналарингни кўрсатаман», дегани сабабли ҳамхона аёл Омонуллога бор гапни айтишдан қўрқди.

... Нафиса ўша куни эрталаб бозорга кириб иссиқ нон, қулупнай кўтариб келиб идорадагиларни меҳмон қилди. Меҳнат таътилини тоғда, эри билан ўтказажагини ҳамхона аёлга айтди. Шунда «ё бугун, ё эртага олиб кетишлари керак, ҳаммомда кран ўлгурдан сув оқяпти. Уста чақирсам келмаяпти, йўғимда сув шариллаб оқиб кетса қўшниларимдан балоларга қоламан», деб нолиди. Шунда ҳамхона аёл: «Вой, Санжарга айта қолмайсизми, меникини бир паста тузатиб берган, асли касби сантехник-ку, билмасмидингиз?» деди-да, чаққонлик билан туриб йигитни чақириб келди.
— Ишдан кейин боролмайман. Агар «хўп» десангиз ҳозир бориб тузатиб кела қолай...

Таклиф маъқул бўлиб йўлга тушдилар...

Уларнинг бирга келаётганларини Абдуқаюм кўрди...

Кўрди-ю, кўнглига шубҳа ораламади, ёмон фикрга бормади...

Уч кундан кейин Нафисани қарғадилар:
— Ўйнаши билан ётган экан, шарманда!

... Шарманда... Шарманда...

Уч кундан кейин Санжарни лаънатладилар:
— Суюқоёққа илакишган экан, йигит ўлгур!

... Йигит ўлгур... Йигит ўлгур...

Ҳамхона аёл ҳам бу гапларга ишонди ва айтдики:
— Илгаритдан кўз сузишиб юрарди-да...

Кошак

Кошак неча марта «етап»га қўйилган бўлса ҳам бунчалик қувонмаган эди. Ҳали тож кийиш даражасига етмаган, аммо «От!» деса отишдан, «Ос!» деса осишдан, «Бўғиб ташла!» деса бўғиб ташлашдан қайтмайдиган икки йигитнинг икки қанотига кириши унга бахт ва омад дарвозаларини ланг очиб берадигандай бўлди. У йўл-йўлакай «Парижда яшаганим яхшими ё Флоридадами?» деган масалада ҳам бош қотиришга улгурди. У ўзи ёққан зулм ўтида ўзининг қоврилажагини билмай хом хаёлларига банди бўлиб маза қилди.

Уларни шаҳар четидаги тўрт қаватли уйнинг учинчи қаватидаги беш хонали уйга жойлаштирдилар. Деразаларига ўрнатилган янги панжараларга қараганда уй буларнинг ташрифи учун махсус «жиҳозланган» эди. Эртасига яна етти киши келиб, уй тўлиб қолди. Кўнгил истаган барча нарсалар: ароқ дейилса — ароқ, наша дейилса — наша, қора дори дейилса — қора дори муҳайё этиб турилди. Кошак ҳатто «Боқув шунақа бўлса, чет элга жўнашнинг ҳожати ҳам йўқ», деган хаёлга борди. Бўлажак иш режаси билан таништиришга шошилишмади. Шунда Кошак уларни кузатиб турган бошлиқдан «бир уйдаги омонатини олиб келиш» учун рухсат сўради. Бошлиқ катталари билан маслаҳатлашиб унга икки кунга ижозат берди. Кошак ўзи билан келган йигитларнинг бирини ёнига олиб Самандарнинг уйини топди. Кузатди. Эртасига слесар қиёфасида кирди. Кичик хона полининг тахталарини кўчирди. Кўчирди-ю, лаққа тушганига амин бўлиб, ғазаб билан муштумини қисди. Қўлида учли бурама михни ушлаб турганини ҳам унутди. Мих бармоғи учига санчилгандан кейингина ўзига келди...

Жаҳл отига минганича чиқиб кетмоқчи эди, аммо бошлиқнинг «бирорта из қолса, ўзингдан кўр, у ер сен ўйлаган онангнинг уйи эмас», деган топшириғини эслаб, тахтачаларни жойига қўйди. Жавонни ўрнига суришга эса улгурмади. Эшикдан ташқарида овозлар келгач, ўзини ҳаммомга урди...

Тугмали буклама пичоқ билан эркакни бир ҳамлада ўлдирди.

Аёл дод солиб ошхона томонга қочди. Чап қўли билан оғзини юмиб, ўнг қўлидаги пичоқни қовурғаси остига санчди. Аёл йиқилиб типирчилай бошлади. Унинг қулоғидаги зирак кўзи ялтиллаб кетди — иккала зиракни шарт қулоқдан узиб ола қолди. Сўнг бармоқдаги узукларни олди — ҳар ҳолда қуруқ кетмаётганидан қувонди. Аёлнинг жон бериши оғир бўлди. Унга раҳми келди — стол устидаги пичоқни олиб, юрагига санчиб, бу дунё азобларидан қутқарди. Пичоқ сопини рўмолчаси билан артиб қўйишни унутмади. Бошлиқнинг из қолдирмаслик ҳақидаги топшириғини эслаб, бунинг ҳам чорасини топди — газ йўлларини очди.

Шанба куни уларнинг вазифалари аён бўлди. Шаҳарчадаги қайси уйларда бадавлатроқ одамлар туришини алоҳида кўрсатишди. Гуруҳ иккига бўлинди. Биринчи гуруҳ — кейин келган етти йигит — учраган одамларни ўлдириб, уйларни ёқиб кетиши керак эди. Кошак эса икки шериги билан бадавлат хонадонларни талаб, сўнг ўт қўйишни зиммасига олди. Қўлга киритилган бойлик ўн кишига теппа-тенг ҳалол бўлиниши қайд этилди. Вазифа яшин тезлигида бажарилиши шарт эди. Шанба куни кечқурун уларни шу кўчалардан икки марта олиб ўтишди. Эртасига кун ёйилганда, узоқда оломон кўриниши билан улар вазифаларини бажаришга киришдилар. Алдангани учун ғазаб отига минган Кошак бу вазифаларни керагидан ортиқроқ даражада бажаришга ҳаракат қилди. Биринчи уйга бостириб кирганидаёқ хонадон соҳиби унинг кўзига дам Турсунали, дам Тенгиз бўлиб кўриниб пичоғини санчаверди... санчаверди... Ҳар тиғ урганида кўнгли роҳатдан яйрайверди... яйрайверди...

Тўмтоқ ақли эса ҳадемай ўзининг қони ҳам оқажагини идрок этмади.

Вазифалар адо этилиб, ҳамма юз берган фожиа ҳақида бош қотираётган кунларнинг бирида Тенгиз «оиласидан хабар олиш» учун ижозат сўраб Турсун-алининг ота уйига борди. Амакиваччалар «СССР прокуратурасидан келган» Тенгизга монелик қилишмади. Боғ ўртаси кавланиб, темир қутича олинди. «Акт» ёзилиб, амакиваччалар гувоҳ сифатида имзо чекдилар. Бир неча йил тупроқ остида «жон сақлаган» темир қутича эртасигаёқ яна Тенгиз учун ишончли бўлган жойга кўмилиб, эгаси озод бўлиб қайтгунига қадар кутди...

Тенгиз

У ҳаёти йўлида тиканлар, тошлар борлигини биларди-ю, аммо оловларга дуч келарман, деб ўйламаган эди. Тенгиз «Кошак билан вазифамиз бир бўлса, у ҳароми билан учрашаман», деб янглишди. Вазифа ўталадиган жой бир бўлгани билан, бажарилуви лозим бўлган юмуш бошқа-бошқа эди. Таъбир жоиз бўлса, худди болаларнинг «Оқ ва Қизил» ўйинига ўхшарди. Бир гуруҳ бола Оқ, бир гуруҳи Қизилга айрилганидек, Кошак билан Тенгиз ҳам бўлинган эдилар. Кошак ерли халқ номидан ваҳшийликни бошлагач, Тенгиз тоғликлар номидан қарши зулмни кўтариши лозим эди.

Тенгиз ўзининг гуруҳи билан шаҳар турмасида вазифа бошланиш онларини кутди. Уларни шанба куни кечқурун шаҳар ёнбошидаги тоғликлар зич яшайдиган маҳаллага олиб келиб, пастқамроқ уйга жойладилар. Кошак гуруҳидан фарқли ўлароқ, улар макон топган ҳовлига қуролли соқчилар қўйдилар. Тенгиз ва унинг шериклари содиқ хизмат қилмоққа ваъда берганлари билан, уларга тўла ишонч йўқ эди. Шанба оқшомида вазифа билан таништиришгач, «агар бажаришдан бош тортсангиз ёки қочмоқчи бўлсангиз, жо-йида отиб ташлаймиз», деб огоҳлантиришди.

Кечаси Тенгиз ухлай олмади. Чекиш баҳонасида ҳовлига чиққанида бир одамнинг дарвоза устунига мато боғлаётганини кўриб соқчига ажабланиб қаради. Соқ-чи унга «ишинг бўлмасин!» дегандай қўл силтаб қўйди.

Кун ёйилганда бошлашди.

Аввал бир тўда ўтди. Уйлардан қора тутун ўрлай бошлади.

Сўнг кичик тўда пайдо бўлди. Олдиндаги Кошакни кўриб Тенгиз дарвозадан отилиб чиқай деди. Соқчи «ҳали вақт бор», деб кўкрагидан итарди.

Кўчага қўйилиши билан Кошакни излади. Топди.

Сандиқ кавлаётган Кошак орқасида шарпа сезиб ўгирилди, аммо ўзини ҳимоя қила олмади — Тенгизнинг қўлидаги пичоқ бўғзига қадалди-ю, томоғидан отилган қон сандиқ ичидаги пулларни қизилга бўяди. Дам ўтмай унинг жасади ўзи ўлдирган уй эгаларининг мурдалари билан бирга ёна бошлади...

Ўша дақиқалардаёқ миш-мишлар алангаси ҳамма ёқни қамраб олди:
— Ерликлар тоғликларни тириклайин ёндиришибди...
— Тоғликлар автоматлар билан қуролланиб катта куч билан шаҳарга ёпирилишибди...

Таҳлика, ваҳимада қолган аҳоли лочин чангалидан қўрққан полапонлардай нажот тилаб қақшар эдилар.

Телевизорда эса мош ютган хўроздай бўлиб олган нотиқ кулимсираган ҳолда ваъз айтарди:
— Ҳамма жанжал қулупнойдан чиқибди... Одамлар ҳам нодон...

Омонулло

Ишхонада телевизор томоша қилиб ўтирган Омонулло бу гапларга ишонди. Икки кундан сўнг у москвалик терговчиларга қўшилиб фожиа содир бўлган шаҳарга учди. У кетгач, сўровига жавоб келди: «Сўровингизга биноан шуни маълум қиламизки, Павел Онопко (лақаби Кошак) қамоқ лагеридан қочишга уринганида 1989 йил 20 май куни отиб ўлдирилган».

Уч ой давомида москаваликларга ёрдам берган Омонулло ишхонага қайтиб бу жавобни ўқидию ниманидир сезгандай бўлди. Иркутскка бориб келишни илтимос қилди. Аввал ижозат беришди, кейин эса «овора бўлмай ишни ёпиб қўя қолинг», деган маслаҳатда тўхташди.

Шу тўхтамга келинган куни оқшомда прокуратурадан Мелс Хўжаев қўнғироқ қилиб «Ака, Иркутскка бормоқчи эмишсиз, агар маслаҳатимга кўнсангиз — борманг. Сабабини кейинроқ бафуржа гаплашармиз», деди.

Бу орада Фотима Ҳиндистондан қайтди.

Ваъдаги биноан баҳорга чиқиб ўғил туғиб берди.

Диссертатсиясини ҳимоя қилаётганда Омонулло бешикдаги ўғлини сўрғичда овқатлантириб ўтирар эди. Болтаеванинг ўлимига оид ишни тўхтатишдан воз кечолмагани учун истеъфога чиқишга мажбур бўлган Омонулло учун ўғил боқиб ўтириш улуғ бир бахт бўлиб туюлар эди...

Сўнг...

Адолат Омонуллога қатнайвериб, охири эрининг молини қўлга киритди. Омадини қарангки, янги сов-хоз директорини ҳам қўлга киритишга эришди — катта қизини унга қўшиб қўя қолди. Тошболта олиб келган бойликнинг бир улуши совхоз директорига тегишли эди. Адолат шу бойликни олиб кетиш учун уни уйига таклиф этди. Едирди, ичирди, сўнг...

Ичкарида янги директор ҳузурланар...

Бу ёқда Адолат қувнар, орзулардан тилла саройлар қурар...

Айвонда эса жон бераётган Тошболтанинг лаблари бир томчи сувга зор...

Ва ниҳоят...

Ўн йил ичида дунё ўзгариб кетди. Кўп юртларни босиб ётган қоронғулик чекинди, бало булутлари тарқагандай бўлди. Офтоб чарақлаган кунларнинг бирида Омонуллони хизматга қайтардилар. Учинчи ўғли туғилганида у полковник даражасига етган эди.

Офтоб нуридан гул ҳам, чақир тикан ҳам баҳраманд бўлганидай, ўпкасини совуққа олдирган Турсун-али ҳам уйига барвақт қайтди. Ўзини туҳмат балосига учраган мазлум сифатида кўрсатиб, ҳеч бўлмаганда совхоз директорлигини қайтариш илинжида кўп уринди. Аммо уринишлари зое кетди. Яхшики, шогирдига инсоф кириб, уни қанотига олди. Турсунали буни шоҳсупа сари босилган биринчи қадам деб ўйлади. Аммо нафс яна ўз ишини қилди: бир вагон маъдан ўғитларини пуллаётган пайтда қўлга тушди-ю, ўзи билан бирга шогирдини ҳам чоҳга тортди.

Оқибатда:

Адолатнинг қизи ўйнашсиз қолди...

Матлуба яна эрсиз...

Матлубанинг биринчи келинини уй остонасига олиб чиқиб «қайнотасига салом...» дейишаётганда салом эгаси Учқудуқдаги қамоқ лагерида ўз тақдирини лаънатлаб ўтирарди.

Нуриддин эса...

Қўтоснинг сабоқлари зое кетди. Уйига қайтгач, Нуриддин ота касбини қилди — одам ўлдирган қўлларнинг кетмон дастасига кўникиши қийин бўлса-да, барибир изига қайтмади.

Бир куни шомда ғўзаларга сув тараётган дамда шийпон яқинида машина тўхтаб, ундан башанг кийинган одам тушди. Бригада бошлиғи ҳам кетиб бўлган, далада Нуриддин ёлғиз эди. «Хўжайинлардан бири келди», деб ўйлаб, шийпонга яқинлашди-ю, Тенгизни кўрди. У билан қандай кўришишни билмай тараддудланганида Тенгиз қучоқ очди:
— Ҳамзат! Саломатмисан, биродарим! — деб қучоқлаб олди.

Нуриддин «мени яна ўғирликка тортгани келган», деган фикрда, рад жавобини қандай қилиб айтишни билмай ўтирганида Тенгизнинг ўзи мушкулини осон қилди:
— Сени олиб кетгани келганим йўқ, қўрқма, — деди у. — Сендан ўғри чиқмаслигини билардим. Сени у томонларда сақлаб қолишнинг бошқа йўли йўқ эди. Мен юртингдан озроқ қарз бўлиб қолган эдим, тўғрироғи, товон тўлашим керак эди, шуни тўлагани келдим. Атаганимни бераману кетаман. Энди замон бош-қа, Ҳамзат, ҳаёт ҳам бошқача бўлади. Сен болаларингни ўзингга ўхшатиб тарбиялама. — Тенгиз шундай деб машинадан ихчам жомадон олиб очди. Унинг ичидаги пулу жавоҳирни кўриб Нуриддин лол қолди. Тенгиз пуллардан бир тахламини олиб Нуриддинга узатди:
— Тўйингга келолмадим, бу сенга тўёна.

Нуриддин олмайман, деб чекинган эди, Тенгиз пулни унинг қўнжига солиб қўйди.
— Тўёнадан қайтмайди, аҳмақ! Сендан битта илтимосим бор: ўғилларингдан бирининг исмини Ҳамзат деб қўй, майлими? — У шундай деб жомадонни ёп- ди. — Буниси юртингга тўлайдиган товон...

Шундай деб кетди...

Нуриддин уни бошқа кўрмади...

Тенгиз унинг учун ширин хотира бўлиб қолди...

Айтар сўзларим шуки

Ҳар бир нарсанинг ибтидоси бўлгани каби интиҳоси ҳам мавжуддир. Тангри-таолонинг буюк лутфи, карами ва марҳамати ила баёнимиз шу ерда ниҳоясига етди. Шони Азийм бўлган Оллоҳга беҳад ҳамду санолар бўлсин. Ўқиганингиз мазкур баёнларда ютуққа арзирли жиҳатлар бўлса — Оллоҳнинг марҳаматидандир. Сизни ишонтирмаган, ғашингизга теккан, ҳафсалангизни пир қилган ерлари бор экан, бу қаламимиз ожизлиги, эътиборсизлигимиз, лоқайдлигимиз ва яна аллақанча айбларимиз туфайлидир. Бунинг учун сиз, азиз китобхонлардан узр сўраб, Яратганнинг олдида тавбалар қиламизким, шояд тавбаларимиз қабул бўлиб, бундай кейинги битикларда Ҳақ йўлдан адаштирмаса.

Баёнларда қора бўёқлар кўпроқмикин, деб ажабланарсиз балки? Ажабланманг, бу хато маҳсули эмас. Атайин шундай қилинди. Зулмдан қочмоқликнинг, зулмга нафрат қилмоқликнинг йўлларидан бири — зулм аслан қандай эканини яхшироқ ва аниқроқ кўриш, англаш, таҳлил қилмоқликдир. Нафснинг келажаги — зулмдир, зулмнинг келажаги эса — хорликдир. Биз ана шу оддий ҳақиқатни баён қилмоқчи бўлдик. Бадан поклиги баданга, руҳ поклиги руҳга ҳаёт бағишлайди.

Оллоҳ Таборак ва Таоло «Мулк» сурасининг иккинчи оятида марҳамат қилиб айтадики: «Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Аллазий холақол мавта вал ҳаята лияблувакум айюкум аҳсану амалан. Ва ҳувал азизул ғофур.» (с.а.) (Маъноси: Эй Одам фарзандлари! У ўлимни ва ҳаётни сизларнинг қайси бирларингиз амалда яхшироқ эканликларингизни синаш учун яратгандир. У барчадан ғолибдир ва гуноҳларни кечувчидир.) Қаранг, инсонни синаш учун ўлим ва ҳаёт яратилган экан. Ажаб, нима учун бу ояти каримада аввал «ўлим», сўнгра эса «ҳаёт» калимаси келяпти? Баъзи уламоларнинг айтишларича, бунинг ҳикмати одамларни яхши амалларга чорлаш экан. Бошқа уламолар эса, «Тафсири ҳилол»да таъкид этилганидек, бунинг ҳикматини «ўлим» калимасининг мазмуни «ҳаёт» калимасининг маъносидан теранроқ, қамровлироқ эканида, деб биладилар. Яъни, ҳаёт — бу ўткинчи дунёнинг қисқа даври, ўлим эса боқий дунёдаги абадий ҳаётнинг бошланишини билдирар экан. Демакки, ўлим — фоний дунё интиҳоси ва боқий дунё ибтидосидир. Шунга кўра, ўлимни эслаган одам доимо унга тайёргарлик кўриши ва фоний дунёни тарк этгач, шарманда бўлмаслик учун ўзини яхши ишларга сафарбар қилмоғи лозим экан. Аммо, биз — ожиз, нотавон, гуноҳкор бандалар бунга ҳамиша ҳам амал қилавермаймиз.

Бу дунёни ташлаб кетганлар гапира олсалар эди, биз бу гапларни эшита олсак эдик, ғафлатдаги юмуқ кўзларимиз мошдек очиларми эди...

Биз «гапирмайдилар», деймиз, аслида улар гапирадилар, аммо биз эшитмаймиз, эшитсакми эдик, қалбларимиз пораланиб кетарми эди... уларнинг афсуслари, чеккан нолаларидан қулоқларимиз қоматга келарми эди...

Суюкли пайғамбаримиз Муҳаммад, саллаллоҳу алайҳи васаллам, шундай марҳамат қилган эканлар: «Жоним қўлида бўлган зотга — Оллоҳга қасамки, сизлар менинг сўзларимни улардан (яъни ўликлардан) яхшироқ англагувчи змассизлар, фақат улар жавоб қила олмайдилар холос...»

Бу муборак ояту ҳадисларнинг маъносига етмоғимизни Оллоҳ барчаларимизга насиб этсин.

Неча кунларингизни, тунларингизни, соатларингизни аямай биз билан ҳамсуҳбат бўлганингиз учун сизлардан бениҳоя миннатдормиз. Оллоҳ барчаларингизнинг хонадонларингизга қут-баракот бериб, куллу офатлардан асрасин.

Барчаларимизга руҳ поклиги насиб этсин! Омийн я Роббил-оламийн!

III- qism
 
Keyingi