OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

5 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифТоҳир Малик
Асар номиОдамийлик мулки (II- қисм)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Тоҳир Малик
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Қиссалар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Нашриёт
Ҳажм509KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2011/07/28
Манбаhttp://forum.ziyouz.com/ind...


Нашр белгилари
Ахлоқ китоби, Биринчи китоб

Масъул муҳаррир: Муҳаммад Шариф Жуман

Тақризчи: филология фанлари номзоди Абдумурод Тилавов



iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Одамийлик мулки (II- қисм)
Тоҳир Малик

Бемеҳр қариндошдан меҳр билган ёт яхши

Аввалги бобдаги фикримизни “Силаи раҳм” деб аталувчи, Аллоҳга хуш келувчи яхши одоблардан бири ҳақидаги оятлар, ҳадиси шарифдан намуналар, ривоятлар ва мулоҳазалар билан давом эттирамиз.

“Бир қоринга сиққан болаларим битта уйга сиғмаса-я!”

Оналарнинг бундай фарёдлари бизлар учун янгилик эмас. Қариндошлар, ёки қўни-қўшнилар хонадонида эшитганингиз бордир бундай нолаларни. Баъзан эса... отамиз ёки онамиз ёки энг яқин қариндошимиз вафот этари олдидан “мендан кейин юз кило гуруч дамлаб, ош тарқатларинг”, дейишмайди. Мен бундай васиятни эшитмаганман. Сизнинг ҳам қулоғингизга чалинмагандир. Бироқ, “Мендан кейин аҳил-иноқ яшанглар”, дейишлари аниқ. Айниқса оиланинг тўнғич фарзандига “Сен каттасан, укаларингнинг бошларини қовуштириб тур”, деб сўнгги ўтинч билан тикилишларини кўз олдимизга келтирайлик. Сўнг эса... “йигирма оши” ёки “йил оши” дейилмиш дабдабадан сўнг ака-укалар, қариндошлар орасида нифоқ чиқиши, меҳр ришталари узилиши ҳолларини ҳам унутмайлик.

Яна унутмайлик-ки, марҳум ота-онамиз ёки қариндошимиз бу ошларга муҳтож эмаслар. Уларнинг руҳлари бу зиёфатлардан шодланмаслар балки, меҳрнинг узилишидан озорлар чекарлар.

Бу бўлган воқеа: бир қоринга сиққан ака-ука бир ҳовли-жойга сиғмай қолишди. Амакивачча саналмиш болаларнинг ўзаро жанжаллари учун уларни айблаш ноўрин. Чунки улар ёш, кўп нарсаларга ақллари етмайди. Зиддиятларининг асосида айрим ҳолларда ғараз ёки шумлик ётмайди, бу жанжаллар болаларча шўхликнинг оқибатида юзага келади. Аммо, афсуским, айрим ҳолларда нафрат ҳам учрайди. Болаларга бу нафратни ота-оналари ўзлари билмаган ҳолда сингдирадилар. Қандай қилиб? Айтайлик, кечки овқат пайтида кундузги воқеалардан гап очилади. Хотин овсинининг ёмонлигидан сўзлайди. Нодон эр акасининг бирон қилиғидан нолийди. Шундай гаплари билан амакиваччалар орасига ўнгланмас нифоқ солаётганларини билмайдилар. Отаси ва онасининг гапларини диққат билан эшитиб ўтирган бола учун битта нарса равшан бўлади: амакиси ёмон! Унинг оиласи - хуллас, ҳаммаси ёмон! Ёмон... ёмон... улардан нафратланиш керак. Шундай ғийбат шароби ичилаётганда айрим болалар отаси ва онасини қўллаш мақсадида амакиваччасининг бирон ёмонлигидан гапириб, оловга мой қуяди. Қалблардаги меҳр ўрнини эгаллаган яра шу тарзда мадда боғлайди. Вақт ўтган сайин у қалбларни азобга солади ва мудҳиш кунларнинг бирида ёрилади.

Ака-уканинг гап талашиши сўкишга, ҳақоратлаш эса бирининг кетмон кўтариб ҳамла қилишига айланди. Ғазабга минган ака-укани ажратишга ҳаракат қилаётган ўн олти ёшли ўғил отасининг қонга беланганини кўриб, ўзини йўқотади, қўлига чалғи олади. Узоқ давом этган нифоқ ака-уканинг фожиали ўлими ва ўсмирнинг қамоққа тушиши билан якунланади. Қонга беланиб ётган ака-уканинг кўзлари “Бу қанақаси бўлди?” дегандай очиқ қолди. Бу дунёга тўёлмаган кўзларни ёпа олишмади. Катта ҳовли-жойга сиғмаган ака ва уканинг ҳар бирига икки қулочли икки лаҳад кифоя қилди. Бир ҳовлида ёнма-ён яшашни исташмаган эди, қабристонда ёнма ён қабрлардан жой олишди. У дунёдаги аҳволлари бизга номаълум. Ота-оналари билан қиёматда қай ҳолда кўришишлари ҳам номаълум. Фарзандларининг бу фожиаси туфайли ота-онанинг руҳи то қиёматга қадар нечоғли азоб чекмоғи ҳам ёлғиз Аллоҳга маълум.

Бизнинг ажабланишимиздан ўзга иложимиз йўқ. Гап шундаки, ака-уканинг ўлими икки оила ўртасидаги нифоқни ўнгламади. Овсинларнинг ғафлат уйқусидаги кўзлари очилмади, қариндошлар эса ибрат олишмади. Ака-ука экиб кетган нифоқ уруғи униб чиқиб бемеҳрлик меваларини бераверди. Ҳасан Басрий (р.а.) Аллоҳнинг каломига асосланган ҳолда “Қайсики одамларда илм кўриниб, унга амал қилишмаса, тил билан айтишни яхши кўришиб, қалблари билан ғазабланишса, қариндошлари билан узилишган бўлишса, Аллоҳ уларни лаънатлайди, кар қилади, ва кўзларини кўрмайдиган қилиб қўяди”, деганларида айнан шу каби инсонларни назарда тутгандирлар? Валлоҳу аълам.

Яна ажабланамиз: намоз ўқиймиз ва деймизки, бу ибодатни Аллоҳ фарз қилган. Аммо қариндошлар билан узилиб кетамиз, билмаймизмики, Аллоҳ бандаларига силаи раҳмни ҳам фарз қилган. Билмасак, билиб олайликким, токи қиёматда шарманда бўлмайлик. Абу Айюб Ансорий (р.а.) ривоят қилишларича, бир аъробий Расулуллоҳга (с.а.в.) яқинлашиб сўради: “Мени жаннатга яқин ва дўзахдан узоқ қиладиган амалларни айтиб беринг”. Расулуллоҳ унга дедилар: “Аллоҳ таолонинг ўзигагина қуллик қиласан, унга ҳеч нарсани шерик қилмайсан, Аллоҳ буюрган намозларни вақтида адо қиласан. Молингдан закотни берасан ва силаи раҳм қиласан”. Мазкур баёндаги топшириқлар Исломнинг беш аркони - беш фарзни эслатмаяптими? Силаи раҳм шу фарзлар қаторидаги зарур ибодатлардан экан.

Аллоҳ таборак ва таоло бандаларига марҳамат қиладиким: “Агар иймондан юз ўгирсангизлар, сизлар ер юзида бузғунчилик қилурсизлар. Ва қариндош-уруғларингиз билан ҳам алоқаларингизни, қариндошлик ришталарини узарсизлар. Ундай кимсаларни эса Аллоҳ таоло лаънатлагандир. Бас, уларнинг қулоқларини панд-насиҳат эшитишдан кар, кўзларини тўғри йўлни кўролмайдиган кўр қилиб қўйгандир”. Муҳаммад сурасидаги икки оятнинг маъно таржимаси билан танишгач, бу маънони ақлимизга сингдиришга уринайликда, сўнг яна аввалги воқеага қайтайлик: демак, ким бузғунчилик қиларкан, ким қариндошларидан узилиб кетаркан? Иймондан юз ўгирганлар. Агар бир-бирини ўлдирган ака ва укада иймон бўлса аҳил-иноқ яшамасмиди? Фарзандларини ҳам силаи раҳм руҳида тарбия этмасмиди? Албатта, марҳумлар ҳақида ёмон гапириш одобдан эмас. Уларни иймонсизликда айблаш эса раҳмсизлик бўлиб кўринар. Аммо, наилож, бошқаларга ибрат бўлсин учун ҳақиқатни айтишга мажбурмиз. Бундай кимсаларга Аллоҳнинг лаънати тушгани - шу фожианинг юз берганида кўринмайдими? Лаънат фақатгина ўлим эмас, балки улар уй-жой талашишни бошлаганларидаёқ Аллоҳнинг ғазабига учраганлар, бироқ, иймондан ҳоли онглари буни фаҳмлай олмаган. Ҳамонки бундай кимсалар Аллоҳнинг лаънатига лойиқ эканлар, уларнинг охиратларини тахминан тасаввур қилиш мумкин. Аллоҳнинг бу икки оилани лаънатлаши ҳали тугагани йўқ. Аллоҳнинг лаънатлаши ўз раҳматидан ва ҳидоятидан узоқ қилиши билан бўлади. Кўр ва кар қилиши ҳам жисмоний эмас, маънавий томондан бўлади. Кўзи ҳамма нарсани соғ-саломат кўриб туради, лекин кўрган нарсаларидан ибрат олмайди. Қулоғи ҳам соғ бўлади, лекин ўзи эшитган нарсаларидан ибрат олмайди. Чунки уларнинг қалб кўзлари кўр, қалблари қулфланган. Қалб қулф экан, унга ҳеч нарса, жумладан Қуръон нури ҳам кирмайди. Бошқачароқ айтсак, бундай қалблар Қуръон нури билан нурланишга рағбат кўрсатмаганлари учун ҳам оқибатда қулфланиб қоладилар. Ака-уканинг фожиасидан ибрат олмаган овсинларнинг, амакиваччаларнинг тақдирлари шундай эмасми?

Аллоҳ бандаларни огоҳлантиради: “...ораларингиздаги савол-жавобларда (яъни ўзаро муомалада) номи келтирилувчи Аллоҳнинг қаҳридан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз билан ажралиб кетишдан сақланингиз. Албатта Аллоҳ сизларни кузатиб турувчидир”. (Мазкур оятнинг маъно таржимаси билан қизиққанимизда уч таржимада уч хиллик кўрдик. Аслан, сўзма сўз таржима қилинса ўзбекчада “Ўзаро сўрашадиганингиз Аллоҳга ва қариндошликка тақво қилинг” деган маъно чиқаркан. Уч мутаржимнинг ўзбекча сўз ишлатишларида хатолик йўқ, маъно ҳам бузилмаган, шу учун эркинроқ тарздаги маъно баёнини олдик. Кўпчилик “тақво” атамасини “Худодан қўрқиш” деб ишлатади. Бу ҳақда аввалги рисоламизда фикр билдирган эдик. Бу ўринда шу масалани эслаш эҳтиёжи туғилди. Аллоҳни биз раҳмли, меҳрибон, гуноҳларни кечирувчи, тарбияловчи, тўғри йўл кўрсатувчи каби сифатлар билан таниймиз. Шу боис, меҳрибон ва раҳмли зотдан қўрқиш мантиқсиздай туюлади. Атамани тўғри таржима қилиш учун “ғазабидан” деган сўзни қўшиш эҳтиёжи туғилади. Яъни гуноҳ ишлардан қайтмай Аллоҳнинг қаҳру ғазабига учрашдан қўрқиш. Гуноҳ ишлари учун дўзах оловида ёнишдан қўрқиш... Агар бу фикримиз хатога йўйилмаса, оятни “қариндош-уруғлар билан ажралишиб кетсангиз Аллоҳнинг ғазабига учрайсиз.

Аллоҳнинг қаҳри ғазабига учрашдан қўрқингиз”, тарзида тушунсак тўғри бўлади.) Одатда, кишилар ўзаро меҳр ва лутфга эришмоқчи, ўзларига нисбатан мойиллик уйғотмоқчи бўлсалар, орага Аллоҳнинг номини қўшадилар. Аллоҳнинг номи билан одамлар орасида ўзаро аҳдномалар тузилади, ваъдага вафо қилиш сўралади ва ҳатто қасам ҳам айтилади. Баъзан икки томон орасида қариндошлик ришталари бўлса, қасам ёки аҳдномага бу ҳам қўшилади. Бу борада Аллоҳнинг ғазабидан қўрқиш - муқаддас алоқаларни улуғлаш, ҳақ-ҳуқуқларини адо этиш, уларни муҳофаза қилиш, узмаслик билан ифодаланади. Аллоҳ барча ҳаракатларимизни кузатиб туради, яқинларимизга нисбатан озгина хиёнат қилдикми, бас, жазо муқаррардир.

“Албатта Аллоҳ адолатга, чиройли амаллар қилишга ва қавм-қариндошларга яхшилик қилишга буюрур ҳамда бузуқлик, ёмон ишлар ва зўравонликлардан қайтарур. У Зот шояд ибрат-эслатма оларсизлар, деб сизларга панд насиҳат қилур” (Наҳл сурасидаги 90-оятнинг маъноси). “Муфассирлар шоҳи” деб эъзозланган Абдуллоҳ ибн Масъуддан (р.а.) қилинган ривоятда у киши “Қуръондаги энг жамловчи оят шу оятдир. Эргашиладиган яхшиликни ҳам, четланиши лозим бўлган ёмонликни ҳам жамлаб, зикр қилган”, дейдилар.

Энди яна бахти қаро оилага қайтайлик: бу икки оилада ўзаро адолат бормиди? Адолат йўқ жойда бир-бирига чиройли амаллар (эҳсон) мавжуд бўлиши мумкинми? Аллоҳ яхшилик қилишга буюрган эди, улар-чи? Бузуқлик, ёмонлик, зўравонликдан қайтарган эди, улар қайтдиларми? Биз бузуқлик (фаҳш) деганда асосан эр-хотин орасидаги номусга оид муомалани тушунамиз. Аслида бу сўзнинг луғавий маъноси “ҳаддан ошишлик”ни англатади. Демак мазкур ҳолатда бу икки оиланинг бир-бирларига душманлик бобида ҳаддан ошганларини тушуниш мумкин. Яна афсуски, улар энг муҳим нарсани - Аллоҳнинг панд-насиҳатларини қулоққа илмадилар. Оқибати эса ўзингизга маълум.

Шулардан воқиф бўлгач дейлик-ки:
-Эй кўнгил! Ғафлатдан уйғон! Сен юз ўгириб кетмоқчи бўлаётган кимсанинг кимлигини унутма! У аканг ёки укангдир, у опанг ёки синглингдир. У энг яқин қариндошингдир. Уларга нисбатан қалбингда нафрат уйғонса, улардан юз ўгириб кетишни ихтиёр қилганинг дамда бир дақиқа шошма. Ҳа, сени дўзах оловидан асраб қолиш учун шу бир дақиқа кифоя қилади. Шу бир дақиқа ичида Аллоҳнинг буюрганларини ақл кўзгусида кўриб олсанг бас. Шу бир дақиқа ичида жоҳиллик уйқусидан уйғонишга ўзингда куч топсанг бас. Эй кўнгил, агар сен шайтоннинг йўлига адашиб кириб қолган бўлсанг - қариндошларингдан узоқлашган бўлсанг, эсингни йиғиб олгину Раҳмон йўлига қайтишга шошил. Қариндошларинг билан сен талашаётган нарса аслида сеники эмас. Сен талашаётган нарса сенга ҳам, қариндошларингга ҳам вафо қилмайди. Сен талашаётган нарсангга эга чиқишинг ҳам мумкин, аммо кўп ўтмай уни барибир ташлаб, боқий дунёга кетасан. Агар қариндошларингга силаи раҳм қилсанг, сен охиратга уларнинг дуолари билан боражаксан. Охират эшигини ўзингга ҳамиша ҳамроҳ иймон ну

Анас ибн Моликдан ривоят қилишларича, уч тоифа одам қиёмат куни Аршнинг соясида бўларкан. Шулардан дастлабкиси силаи раҳм қилувчи экан. Бундан маъно: унинг умри ва ризқи силаи раҳм билан зиёда бўлган деганидир. (Аршнинг соясидаги иккинчи тоифа - эри ўлиб, етим фарзандларини Аллоҳ беҳожат қилгунича тарбиялаган хотин, учинчи тоифа - таом тайёрлаб, етим мискинларга едирган одам.) Одам боласининг Аршнинг соясига етказадиган силаи раҳм деганда биз нималарни тушунамиз? Келинг, уламонинг фикрларини бир эслайлик:

Улуғларимизнинг айтишларича, силаи раҳмда ўнта мақталган хислат бор экан:

  • Силаи раҳмда Аллоҳнинг ризоси бор, чунки Аллоҳ таоло шунга буюради.

  • Уларга (мўъминларга) хурсандчилик етказмоқлик бор. Чунки улар силаи раҳм билан қувонадилар.

  • Силаи раҳмда малоикаларнинг ҳам хурсандчилиги бор. Чунки улар ҳам силаи раҳмга гувоҳ бўлган онларида қувонадилар.

  • Силаи раҳмда мусулмонлар шаънига яхши мақтов бордир.

  • Силаи раҳмда иблисга ғам етказмоқлик бордир.

  • Умрнинг зиёда бўлишида силаи раҳмнинг ҳиссаси бор.

  • Ризқнинг баракали бўлишини силаи раҳмсиз тасаввур этмоқ қийин. Бунга мисол тариқасида бир ривоятнинг қисқа баёнини берамиз: Ота-онаси вафот этган ака-укага бир қопгина буғдой мерос қолади. Ака-ука мерос ҳақига хиёнат қилмай, уни теппа-тенг бўлиб оладилар. Шу куни аканинг кўнгли оғрийди: “Укам ҳали уйланмаган, ҳам ўзини боқиши керак, ҳам тўйга йиғиши керак. Болаларимнинг ризқини Аллоҳнинг ўзи берар”, деган ўйда омборхонага кириб ўзига ажратиб олган улушдан укасининг қопига тўкади. Шу куни уканинг ҳам кўнгли оғрийди: “Мен битта қорнимни эплаб тўйдириб юрардим. Акамнинг оиласи қийналиб қолиши мумкин”, деган ўйда у ҳам омборхонага кириб ўзининг улушидан акасининг қопига тўкади. Бу ҳол ҳар куни такрорланаверади. Аммо иккала қопдаги буғдойдан бир мисқол ҳам камаймайди. Шунда ака-укалар ажабланишиб, бир донога маслаҳатга борганларида у бор гапни яширмай айтишларини талаб қилади. Воқеадан хабар топгач эса “Бир-бирларингизга меҳр-оқибатли бўлганингиз учун Аллоҳ сизларнинг ризқингизга шундай барака берибди. Ораларингиздаги силаи раҳм барқарор экан, ризқингиз шундай мўл бўлаверади”, дебди. Бу хусусда Расулуллоҳ (с.а.в.) марҳамат қилганларким: “Ким ризқи мўл бўлишини, ажали орқага сурилишини истаса, қариндошлик алоқаларини узмасин”.

  • Силаи раҳм туфайли вафот этиб кетганларга ҳам хурсандчилик етади. Фоний дунёни тарк этган аждодлар руҳи авлодларининг силаи раҳм билан боғланганларидан қувонади.

  • Силаи раҳмда дўстликнинг зиёда бўлиши бор. Бир сабаб ўртага тушиб, хурсандчилик ва ғамдан тўпланишган дўстлар бир-бирларига ёрдам берадилар ва бу улардаги дўстликнинг зиёда бўлишига ёрдам беради (Бу хусусда “Энг яхши дўст” деб номланувчи бобда батафсил фикрлашиш ниятимиз бор).

  • Силаи раҳмда кишининг вафотидан кейин ҳам ажрнинг зиёда бўлиши бор. Чунки қариндошлар уни ўлганидан кейин ҳам дуо қиладилар, яхшиликларини доимо эслаб юрадилар. Бунинг акси бўлса, ривоятдаги ҳолат юзага келиши мумкинки, Аллоҳ сақласин!

Яҳё ибн Салимдан ривоят қиладилар:

“Маккада биз билан бирга Хуросон аҳлидан бўлган бир киши бор эди. У солиҳ киши эди. Одамлар унга ўз омонатларини ишониб топширар эдилар. Бир киши унга ўн минг дирҳам пулини қолдириб ўзи сафарга кетди. Омонат қўйган киши сафардан қайтганида у солиҳ одам вафот этган эди. Шу боис омонатчи у кишининг оиласидан молини сўради. Оила аҳли бундан бехабар эдилар. Омонатчи олимларга мурожаат қилиб, маслаҳат сўради. Улар айтдиларким: “Бизлар у хуросонлик биродаримизни жаннат аҳлидан деб умид қиламиз. Кечанинг учдан бири ёки иккинчиси ўтган онда Замзам булоғи яқинига келгин ва бу сўзлар билан хабар бергин: “Эй Фалончининг ўғли Фалончи! Мен омонат эгасиман!” Шундай десанг, инша Аллоҳ, жавоб эшитгайсан”. Ҳалиги одам келиб, бу сўзларни уч марта айтди. Ҳеч ким жавоб бермади. У одам олимларнинг ҳузурига қайтиб, воқеани баён қилди. Улар дедиларким: “Албатта, биз Аллоҳникимиз ва Аллоҳга қайтажакмиз! Бизлар у биродаримизнинг дўзах аҳлидан бўлмоғидан қўрқяпмиз. Энди Яманга боргин, у ерда бир водий бор. Уни Бархут дейдилар. У ерда бир қудуқ бор, уни топ ва кечанинг учдан бири ёки учдан иккиси ўтганида: “Эй Фалончининг ўғли Фалончи! Мен омонат эгасиман!” деб бақиргин”, У киши Яманга бориб, водийдаги қудуқни топди. Биринчи чақирувдаёқ жавоб эшитилди. Шунда мол эгаси афсусланиб: “Шўринг қурсин, сени бу ерга қайси амалларинг туширди? Ахир сен яхшилик эгаси эдинг-ку?” деди. Жавоб бўлдиким: “Хуросонда менинг аҳли байтларим, қариндошларим бор эди. Ўлгунимга қадар улар билан борди-келди қилмай, узилишиб кетдим. Аллоҳ таоло мени шу азоб билан ушлаб, бу манзилга ташлади. Аммо молингдан ҳавотир олма. Мен ўғлимга айтиб қўйишга улгурмаган эдим.

Уйимнинг фалон ерига кўмилган, ўғлимга айтгин, молингни кавлаб олиб, ўзингга қайтаради”. Омонат қўйган одам молини қайтариб олди. Шу мол баҳона силаи раҳмнинг куч-қудратини ҳам ҳис қилди. Ўтмишдан бугунга қайтиб фикр қилайлик: у одам Хуросондаги қариндошларидан узилган экан. Орадаги масофа неча ойлик машаққатли йўл бўлса-да, кишига силаи раҳмни узишга баҳона бўлолмас экан. Биз-чи? Бир шаҳарда, ҳатто бир маҳаллада, ҳатто бир ҳовлида турганимиз ҳолда жигарларимиздан узилиб кетганимиз учун Аллоҳдан қандай жазо оламиз? Хаста овозимиз қайси саҳронинг қайси қуриб қолган қудуғидан чиқар экан? Аллоҳ сақласин! Шу фикрнинг ўзиёқ киши вужудини қўрқувга солиб, қақшатиб юборади... Қўрқмай ҳам бўладими, ахир Расулуллоҳ (с.а.в.) “Силаи раҳм қилмайдиган киши жаннатга кирмайди”, деб огоҳлантирганлар-ку? Тасаввур қилайлик-ки, қиёматда кимдир умид билан жаннат сари боради аммо унга жаннатнинг ҳеч бир эшиги очилмайди ва ҳукм айтиларки: “дўзахга кир!” деб. Қандай шармандалик! Қандай фожиа бу!

Юқорида саналган ўн хислатни жамлаб туриб, силаи раҳм - ёлғиз Аллоҳнинг розилиги учун фақат холис равишда бажарилувчи ибодатлардан бири, десак ҳам бўлади. Силаи раҳмда таъна, ҳасад, риё, таъма, кибр каби иллатларга зинҳор ўрин бўлмайди. Кимда бундай иллатлардан биттаси бўлса ҳам силаи раҳмдан сўзламоғи қуруқ сафсата бўлиб қолади. Абдуллоҳ ибн Амр (р.а.) айтадилар: “Расулуллоҳ (с.а.в.) “Аввал силаи раҳм қилган кишига кейин жавоб тариқасида силаи раҳм қилувчи ҳақиқий силаи раҳм қилувчи эмас. Чинакамига силаи раҳм қилиш деб силаи раҳм қилишдан бош тортган кишига силаи раҳм қилишни айтадилар”, - дедилар”. Биз ҳаётимизда мазкур ҳадисга амал қилмайдиганларни учратиб турамиз. “Фалончи шифохонада экан, кўриб келайлик”, десангиз “У мен касал бўлганимда келиб кўрибмиди, бормайман”, деган жавобни эшитамиз. Бир куни “Фалончи биродаримиз вафот этибдилар, фотиҳага бориб келайлик”, деган таклифга “У одам отам ўлганида йигирма ошига келмаган эди, менам фотиҳасига бормайман”, деган жавобни эшитиб, ҳайратдан ёқа ушладик. Яқинда бир кишининг холаси вафот этганини эшитиб, таъзия билдирганимизда ундан “Ҳаётлик пайтларида бизга фойда-зарарлари йўқ эди, ўлганларидан кейин ҳам ҳеч нарса йўқотмагандаймиз”, деган аҳмақона жавобни эшитдик. У одам қариндошчиликдан фойда кўзлаб яшар экан, Аллоҳнинг ризолигини изламас экан. Унинг ўтмас ақли холасининг ўз онасидан ёдгор эканини ҳам фаҳм этмас экан. Холасини зиёрат қилмай юргани учун онасининг руҳи азоб чекканини ҳам ўйлаб кўрмагани аниқ. Ўзининг яқин қариндошига шунчалик бемеҳр одамнинг бошқаларга бўлган ҳурматини сохта дейишга ҳаққимиз борми?

Шифохонада даволанаётганимда ён хонадаги бадавлат ва амалдор беморни танишларимдан бири ҳар куни йўқларди. Амалдорнинг ҳеч нарсага муҳтожлиги бўлмаса-да, қоғоз халталарни тўлдириб, нималардир олиб келарди. Баъзи кунлари икки марта йўқларди. Мен унинг бу серқатновлигидан ғашланмадим. Агар ният холис бўлса, беморни йўқлаш ҳам савоб. Ғашлигим бошқа томонда эди: унинг укаси, менинг биродарим бедаво хасталикка чалиниб, икки йилдан бери тўшакда ҳаракатсиз ётарди. Унинг дори-дармонидан биродарлари хабар олиб туришарди. Аллоҳга шукрларким, дунёда иймон ва инсоф эгалари кўп, ночорлар қаровсиз қолмайди. Аммо ачинарлиси, шифохонадаги бой ва амалдор одамни тинмай йўқлаётган бу “серҳиммат” ўз укасидан хабар олмасди. Беморнинг хонадонидаги бирон маросимга айтилса, келарди. Шунда ҳам “икки бармоғини бурнига тиқиб” келарди. Атрофдагиларга сафсата сота-сота кетарди. “Эҳтимол ака-ука орасида гап қочгандир, келишмовчилик бордир?” дерсиз? Йўқ, талашиб-тортишиш бўлмаган. Фақат акада иймон йўқ. Укасидан фойда келмаслигини билиб, уни менсимайди. Афсусларким, бу дунёда “сендан угина, мендан бугина” деган шиор остида яшайдиганлар ҳам бор, биз уларга Аллоҳдан инсоф тилайлик-да, бу шарафли ҳадисни ёдга олайлик: Абдуллоҳ ибн Абу Авф (Аллоҳ ундан рози бўлсин) айтадилар:

“Арофат кечасида Пайғамбар (с.а.в.) билан бирга ўтирган эдик. Айтиб қолдиларким: “Силаи раҳмни узган киши бу кеча мен билан бирга ўтирмасин, биздан кетсин”. Мажлис аҳлининг пойгагида ўтирган кишидан бошқа ҳеч ким ўрнидан турмади.

Бир оз вақт ўтганидан сўнг у киши қайтиб кириб, жойини эгаллади. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.) “Нима учун сендан бошқа ҳеч ким даврамиздан турмади?” деб сўрадилар. У киши айтдиким: ”Эй Расулаллоҳ, сиздан бояги танбеҳни эшитиб, холамникига бордим. У киши билан жанжаллашиб, орамиз бузилган эди. Борганимда холам менга “Нима учун келдинг, бунақа одатинг йўқ эди-ку”, деб сўрадилар. Мен сиз айтган ҳадиснинг хабарини бердим. Мендан олдинроқ холам кечирим сўрадилар, мен ҳам узримни айтдим”. Расулуллоҳ (с.а.в.) бу гапни эшитиб дедилар: “Яхши қилибсан, бу кечани биз билан бирга ўтказ. Огоҳ бўлингларким, Аллоҳнинг раҳмати силаи раҳмни узган қавмга тушмайди”. Табароний ҳазратлари мазкур ҳадисни бундай шарҳ этганлар:
-Миллат ичида қариндошлик алоқаларини узганлар бор бўлса, бу миллатга фаришталар тушмайди.

Яна Табароний айтадилар: “Ибн Масъуд бомдод намозидан кейин бир жамоат ичида ўтирарди. Дедики:
-Худо ҳаққи, қон-қариндошлик алоқаларини узганлар бор бўлса, орамиздан туриб кетсин! Биз Раббимизга дуо ўқимоқчимиз. Қон-қариндошлик алоқаларини узганлар бор жойда осмон эшиклари ёпиқ бўлади, дуолар қабул этилмайди.

Бу огоҳлантиришга эътибор берайлик: силаи раҳмни узган киши фақат ўзига жабр қилмай, унинг касри бутун қавмга урар экан. Демак, қариндошчиликни узган биродарларимизга вақтида танбеҳ бериб туришимиз зарур экан. “Гапирсам ранжийди, қариндошлар бугун бўлмаса эртага топишиб кетишар”, деган истиҳолани йиғиштириб қўйиб, орадаги силаи раҳмни тиклашга ўз ҳиссамизни қўшишимиз керак экан. “Бугун бўлмаса эртага...” Бугун силаи раҳм узилган бўлса, умид қилганимиз эртага ким бор, ким йўқ. Майли, бемеҳр биродаримиз бизнинг бугунги танбеҳимиздан ранжисин, бироқ кейинги огоҳлантиришимиз таъсир этиб қолар? Силаи раҳмни тикласа, унга жаннат эшикларининг очилишига ҳиссамиз қўшилгани учун ҳеч бўлмаса қиёматда биздан рози бўлар?

Юқорида баён этганимиз ҳадиси шариф каби яна бир ҳадиси шариф борки, мазмун бир оз ўхшаса-да, масала муҳим бўлгани учун уни ҳам ёдга олишни маъқул кўрдик.

Бир киши Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳузурларига келиб: “Мен қариндошлар билан силаи раҳм қилдим, улар мендан узилдилар. Уларни афв этдим, менга зулм қилдилар. Уларга яхшилик қилдим, менга ёмонлик қайтардилар. Уларга энди худди ўзларидек муомала қилаверайинми?” -деди. Расулуллоҳ (с.а.в.) айтдилар: “Йўқ, бундай қилсанг, уларнинг гуноҳларига шерик бўлиб қоласан. Сен уларга яхшилик ва силаи раҳм қилишда давом этавер. Шунда сенга Аллоҳдан қувват давомли бўлади”. (Бошқа бир ривоятда Расулуллоҳ (с.а.в.) арз қилган киши “Улар жабру жафо қилсалар ҳам мен сабр этаман”, деганида унга қараб бундай деганлар: “Агар гапинг тўғри бўлса, уларнинг оғзига қиздирилган кулни солгандай бўлибсан. Сен шу ишингни давом эттираверсанг, Аллоҳ таоло сенга ёрдам беради ва уларнинг жабру жафосини дафъ қилади”.)

Ҳадиси қудсийда дейиладики: “Эй Одам фарзанди, қариндошларингга яхшилик қилиб, қўшилиб юр, умрингни узун қилай”. Умрнинг узайтирилиши масаласида айрим олимларимиз “Тақдир аввалдан белгилаб қўйилган бўлса, масалан, умри фалон йил бўлса, Аллоҳ уни ўчириб, узайтирадими?” деган саволни ўртага қўйишса, бошқалари далил сифатида мана бу ояти Каримани келтирадилар: “Аллоҳ Ўзи хоҳлаган нарсани (яъни ҳукмни) ўчирур ва Ўзи хоҳлаган ҳукмни барқарор қилур. Она китоб (бошқача айтилса - Асл китоб, яъни Лавҳул-Маҳфуз) Унинг ҳузуридадир” (Раъд сурасидан). Шунга кўра ҳадиси қудсийни биз аслан, тўғридан тўғри тушунсак бундай маъно ўқиймиз: ким силаи раҳм қилса, умридан уч кун қолган бўлса ҳам, Аллоҳ таоло унинг умрини ўттиз йил зиёда қилади. Агар силаи раҳмни узган пайтида умридан ўттиз йил қолган бўлса, Аллоҳ таоло уни уч кунга тушириб қўяди. Бу тушунча бўйича биз - омиларнинг адашишимиз табиий, лекин уламо ҳам ихтилоф қиладилар. “Танбеҳул ғофилийн”да бу масалага ойдинлик киритилган экан: баъзилар айтадиларки: “Ким силаи раҳм қилса, умри зиёда бўлади”, деган хабар зоҳирийдир.

Яна баъзилар айтадилар: “Тақдир ўзгармайди, чунки Аллоҳ таоло “Бас, қачон уларга ажаллари етса, уни бирон соат кетга ҳам, илгарига ҳам сура олмайдилар” (Аъроф сурасидан), деган. Лекин умрнинг зиёда қилишнинг маъноси ўлимдан кейин унинг савобларини ёзишда давом этмоқликдир. Ўлимидан кейин ҳам унга савоб ёзилаверилса, гўёки умри зиёда қилингандай бўлади.

Менинг Дилшод исмли биродарим бўлардилар (Аллоҳ уни раҳмат қилсин). Биродаримнинг мўъминга хос фазилатлари анчагина эди. Аммо биттаси ҳақида атрофдаги одамлар ҳам кўп гапирардилар. Бу фазилати унинг силаи раҳм одобини бекаму кўст бажаришида кўринарди. Унинг акаси беш синглиси ва бир укаси бор эди. Дўстим бошқа ҳовли-жой қилиб чиқиб кетгандилар. Аммо мен уни кунда бўлмаса ҳам кун ора ота ҳовлига, муҳтарама оналарини зиёратига келишларига гувоҳ бўлардим. Баъзан хизматда ушланиб қолсалар ҳам, “эртага борарман”, демасдан одатларини канда қилмай зиёратга келардилар. Онага нисбатан бу қадар меҳрибонликлари учун ажрлари бисёрдир, инша Аллоҳ. Аммо беш сингилга бўлган меҳрибонликлари онага бўлган эҳтиромларидан кам эмасди. Сингилларини ҳам тез-тез йўқлашни канда қилмасдилар. Бир куни “Сингилларнинг кўнгли яримта бўлади. Улар ҳар куни уйларидан бир одам келишини кутиб яшайдилар. Менинг қадам босиб боришдаги заҳматим уларнинг мени кўрганларидаги қувончига арзимайди”, деганлари эсимда.

У дамларда масаланинг диний моҳиятидан бехабар эдим. Кейинроқ билсам, дўстим Аллоҳнинг фарзларидан бирларини адо этиш билан банд эканлар. Расулуллоҳнинг (с.а.в.) “Аллоҳнинг ғазабидан қўрқинглар ва силаи раҳм қилинглар. Чунки у сизлар учун дунёда ҳамма

нарсадан яхшироқдир, мустаҳкамроқдир. Охиратда сизлар учун янада яхшироқдир” деган муборак сўзларини ҳадис китобларида ўқиганимда шу дўстимни эслаган эдим. “Охиратда сизлар учун янада яхшироқдир...” Демак, дўстим охират саройини тиклаб юрган экан. Яна айтилган эканки: “Агар сизда бирон қариндош бўлиб, оёғингиз билан юриб бормасангиз (яъни зиёратга бормасангиз дейилмоқчи), молингиздан бирон нарса бермасангиз, бас, албатта ундан узилибсиз”. Аллоҳ таоло туширган баъзи саҳифаларида: “Эй Одам фарзанди! Молинг билан силаи раҳм қилгин, агар ўзингда бор нарсага бахиллик қилсанг ёки молинг кам бўлса, оёғинг билан боргин (яъни зиёрат қилавер)” дейилган”. Расулуллоҳ (с.а.в.) бу хусусда “Қариндошчиликни боғланглар, агар салом билан бўлса ҳам”, деб таъкид этганлар. Шу ўринда зиёрат одоби масаласида ҳам фикрлашиб олсак. Айрим одамлар қариндошларини йўқлашни ният қилишади-ю, лекин камхаржлик боисиданми ё бозорга тушишга эринибми, “қуруқ бораманми” деб бу яхши амални амалга оширишни кейинга сураверадилар. Шаҳарларда новвойлар кўп, йўл-йўлакай тўртта нон олиб кириб йўқлаш одат тусига айланиб қолган. Қишлоқларда аёллар зиёрат мақсадида махсус нон ёпадилар ёки ўзларининг боғларидан у-бу оладилар. Агар буларнинг ҳам иложи бўлмаса салом бериб кириб боришнинг ўзи ҳам уят саналмас экан. Бугунги кунда йўқлашнинг янгича турлари ҳам мавжуд. Мактуб ёзиб, ёки телефонда ҳол-аҳвол сўраб туриш ҳам яхши. Халқимизда яхши мақол бор: “Борсанг - қариндош, бормасанг - бегона”. Бегоналикдан Аллоҳ сақласин!

Мен умрнинг зиёда бўлишини шу дўстим мисолида кўраман. Ҳозир шукрким, акалари, укалари, бешала сингиллари ҳаётлар. Шубҳам йўқки, улар акаларини ҳар куни меҳр билан эслайдилар. Унинг ҳаққига дуолар қиладилар. Оилада силаи раҳмдан сўз очилса “тоғанг шундай меҳрибон одам эди, унинг ҳаёти сенларга ибрат бўлсин”, деб фарзандларига тарбия берадилар. Бу фарзандлар вақти келиб ўз фарзандларига “менинг тоғам шундай мусулмоншева эдилар” деб ибрат қилиб эслашларига ҳам ишонаман. Каъб-ул Ахбор деган эканларким: “Мусо алайҳиссалом ҳамда бани Исроил учун денгизни ёрган Аллоҳга қасамки, албатта Тавротда ёзилган: “Аллоҳдан қўрқинг, ота-онага яхшилик қилинг ва қариндошларга силаи раҳм қилинг, умрингиз зиёда бўлади. Енгилингизни янада енгил қилади, қийинчилигингизни кетказади”. Келинг, айни дамда китобдаги сатрлардан кўз узайликда, дўстим Дилшод ва унга ўхшаган барча мўъмин-мусулмонлар ҳаққига дуо қилайлик:
-Ё Раббимиз Аллоҳ! Бизларни силаи раҳмни узмайдиган бандаларингдан қил. Ҳаётлик чоқларида силаи раҳмни узмаган биродарларимизнинг охиратларини обод этгин. Қиёматга қадар туғилиб яшайдиган зурриёдларини ҳам улар каби меҳрибонлардан қилгин. Бизларнинг қалбларимиздаги меҳр-мурувватни ҳам зиёда эт. Вақтики келиб, бу дунёни ташлаб, боқий дунёга кетганимизда ортимизда қолганлар бизларни ҳам яхши фазилатларимизни эслаб, дуолар қилсинлар!

Баъзи биродарларимиз қариндошларидан узоқлашадилар-да, бу хатоларини яшириш учун ўша қариндошларини айблайдилар. Бир ибодатли биродаримизнинг гапларидан ажабланган эдик. Аммалари ҳақида сўзлай туриб айтдиларки: “Мен аммамникига қадам босмай қўйдим, ўзи ҳам, болалари ҳам намоз ўқимайди”. Буни мусулмончиликка йўйиши айниқса ажабланарли эди. Агар у чин мусулмон бўлса, яхши одобларини намоён этиб ўша бенамоз аммасини зиёрат қилавермайдими, яхши фазилати билан ибрат бўлавермайдими, тез-тез зиёратга бориб даъват қилавермайдими? Тўғри, бир-икки даъват қилибди, китоблар олиб бориб берибди. Лекин муслим учун бу кифоя эмас-да! Аллоҳ унинг қариндошларига ҳидоят бермагунига қадар даъватнинг кети узилмайди. Эҳтимол, Аллоҳ бу биродаримизнинг сабрини, диндаги саботини синамоқчи бўлиб, қариндошларига ҳидоят бериш палласини кейинга сургандир? Бу биродаримиз каби янглишган кишиларга Маймун ибн Маҳрон айтган ибратни эслатишни жоиз деб билдик:

“Уч нарсада кофир ва мусулмон баробардир: ким билан аҳдлашган бўлсанг, аҳдингга вафо қилгин - хоҳ кофир бўлсин, хоҳ мусулмон. Албатта, аҳд Аллоҳ учундир. Орада қариндошчилик бўлса, силаи раҳм қилгин - хоҳ кофир бўлсин, хоҳ мусулмон. Кимики сенга омонат берган бўлса, омонатини адо қилгин - хоҳ кофир бўлсин, хоҳ мусулмон”.

Яна бир биродаримиз тўй қилаётган яқин қариндошига ёрдам беришни истамабди. Сабаб: тўй қилаётган одам зиёфатни замонавий тарзда - дастурхонга ароқ қўйиш билан ўтказмоқчи бўлибди. Биродаримиз бунинг номақбул эканини айтса-да, у кўнмабди. Бу масала юзасидан фикр билдирувчилар орасида “Ёрдам пулини беравермайдими, ёрдам бергани учун савоб олади, бу пулни ножоиз сарф қилган одам эса гуноҳга ботаверади”, дейишлари ҳам мумкин. Гап шундаки, ўша қайсар одам бошқалардан қарз олиб, ниятига етади ва оқибатда камхаржлиги туфайли оиласи билан озор чекади. Бадавлат қариндоши пул берса шу озордан ҳоли бўларди, шундайми? Шундайликка шундай, аммо шариат нуқтаи назаридан қарасак, биродаримиз пулининг ҳаромга сарф этилишини била туриб берса дуруст бўлмас эди.

Раббимиз Аллоҳ таборак ва таоло раҳмни яратиб, Ўзининг Раҳмон сифати билан марҳамат этдики: “Мен Раҳмонман, сен раҳмсан. Ким сени узса, узиламан; кимики сенга боғланса, боғланаман”. Аршдан ўрин олган Раҳм эса кеча ва кундуз дер эканки: “Ё Парвардигоро! Сенинг йўлингда кимики менга боғланса, боғлангин, кимики Сенинг йўлингда мени узса, узилгин”.

(Бизда кўчаларга турли шиорлар осиб қўйиш бор. Агар бу одат уйга ҳам кўчирилса айнан шу сўзларни ибрат учун ёзиб қўйишни таклиф қилган бўлардим. Чунки силаи раҳм учун Аллоҳнинг хайрли мукофоти бўлгани каби, бу одобни тарк этгани учун азобли жазоси ҳам борлигини бир нафас ҳам унутмаслигимиз зарур. Бу хусусда ҳадиси шарифда таъкид этилганидек, азоб-уқубат қиёмат кунига асраб қўйилганидан ташқари шу дунёнинг ўзида ҳам инсоннинг ўзига жабр етказадиган гуноҳ - кишиларга зулм етказиш ва қавм-қариндошларга қилинадиган силаи раҳмни узиб қўйишдир. Бу жазони атрофдагилар ҳам кўриб туришади. Масалан, мавзу аввалида баён қилганимиз машъум ҳодисага қўшимча сифатида айтишимиз мумкинки, қариндошларидан узилган одамнинг топган-тутганларидан барака кетади, фарзандлари орасидан меҳр қочади, ҳали тириклик чоғидаёқ фарзандларининг мерос талашиб юзкўрмас бўлиб кетаётганларига гувоҳ бўлади.)

Абдурраҳмон ибн Авф (р.а.) Расулуллоҳдан (с.а.в.) раҳм хусусида эшитган ҳадисни ривоят қиладилар:

Расулуллоҳ (с.а.в.) айтибдилар: “Аллоҳ таоло “Мен дунёдаги барча борлиққа раҳм қилувчи Раҳмонман ва раҳмни яратиб, Раҳмон деган номимнинг ҳарфларидан таркиб топган “раҳм” сўзини унга исм қилиб қўйдим. Энди ким раҳмни (қариндошликни) узмасдан юрса, Мен ундан раҳматимни узмайман ва ким уни узиб қўйса, Мен ҳам ундан раҳматимни узиб қўяман”, деган”.

Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в.) бу мавзуга янада аниқлик киритиб, айтадилар:

“Аллоҳ таоло халқларни яратиб бўлганидан кейин Раҳм турди. (Бу ўринда “раҳм” атамасига олимларимиз қариндошлар ва бир-бирига боғланадиган насаб силсиласи назарда тутилади, деб изоҳ берадилар.) Аллоҳ ундан: “Нега турдинг?” деб сўраганида у: “Эй Раббим, мен узилиб қолишдан паноҳ сўровчи сифатида ҳузурингда турибман”, деб жавоб берди. Шунда Аллоҳ таоло: “Эй Раҳм, сени узган кишилардан марҳаматимни узсам, шунга рози бўласанми?” деб сўраганида Раҳм: “Эй Парвардигори олам, мен бунга албатта розиман”, деган эди. Шунда Аллоҳ таоло унга “Менинг сенга ваъдам шудир”, деди”.

Абдуллоҳ ибн Амр (р.а.) эса айтадилар:

“Расулуллоҳ (с.а.в.) битта бармоқларини эгиб: “Раҳим сўзи Аллоҳ таолонинг Раҳмон номидан шу бармоғимдек униб чиққан бир шохчадир. Уни биров узмаса, Аллоҳ таоло узмайди ва ким узиб қўйса, Аллоҳ ҳам уни узиб ташлайди. Қиёмат куни Аллоҳ Раҳмга фасоҳатли, ўткир ва очиқ сўзлайдиган тил беради”, дедилар”.

Демак, қиёматда ким қариндошликни узган ва ким узмаганини очиқ баён қилиш учун Аллоҳ раҳмга тил берар экан ва шу тил билан у кимларнингдир фойдасига ва яна кимларнингдир зарарига ўз даъвосини исбот этаркан. Бу ўринда Расулуллоҳ (с.а.в.) бармоқларини кўрсатиб жуда гўзал ташбеҳ қиляптилар. Чиндан ҳам кишининг бармоғини биров узмайди. У фақат ўзининг эҳтиётсизлиги учун бирон нимада чопиб олиши мумкин. (Ўғирлиги учун чопилса ҳам ўзи айбдор.) Қариндошлик занжирини узгани туфайли Аллоҳнинг раҳм-шафқатидан бебаҳра қолгудай бўлса киши ўзининг эҳтиётсизлиги ёки аҳмоқлигига даъво қилаверсин.

Қариндошлар қандай сабаблар билан узилишиб кетадилар?

  • кўп ҳолларда мерос талашиш оқибатида;

  • ота-оналаридан мерос қолган бемеҳрлик, лоқайдлик, худбинлик каби иллатларига даво тополмаганлари туфайли;

  • кибр хасталигига чалинганлари учун. Бу ҳолда бойроқ қариндош камбағалроқ жигарини менсимайди. Бундан унинг кўнгли ранжийди. Силаи раҳм қиламан, деган ниятда бу кибрли қариндошиникига борганида у нимани кўради? Фақат такаббурликни кўрса эҳтимол чидар. Аммо бадавлат қариндошининг кўзларида “Бу бир нимага муҳтож бўлиб, тиланиб келдимикин?” деган ҳавотирли саволни кўргач, чидаши қийиндир. Аммо бу ҳам Аллоҳнинг бир синови, чидаб сабр қилгани маъқул.

  • ҳасад касалига банди камбағалроқ қариндош бадавлатроқ жигарини кўра олмайди. Ҳатто “Худо нима учун унга беради-ю, менга бермайди?” деб Аллоҳ билан ҳам ҳақ талашиб қўяди. Ёки тинмай таъмагирлик қилаверади. Ёки қариндоши ҳақида ғийбат ва иғволарни тарқатаверади. Бадавлат қариндош ундан безади. Аммо бу ҳам унинг учун бир синов, чидаб, сабр қилгани маъқул. Ҳасадчи қариндош бизга ёмонликни раво кўрса, биз унга Аллоҳдан инсоф тилаб дуо қилайлик. Аллоҳнинг уни инсоф ва ҳидоят сари бургани бу сабримиз учун бизга берган мукофоти бўлади.

  • қариндошлар орасига совуқчилик тушишига маълум бир одамларнинг билиб-билмай айтиб юборган гаплари ҳам сабаб бўлиши мумкин. На иложки, орамизда гап ташувчилар кам эмас. Гапни шунчаки ташиб қўя қолса майли-я, қўшиб, кўпиртириб юрадиганлари кўп. Шундай номаъқул гапни эшитганда айримлар “бу бир ғийбат-да”, деб ортга ташлаб юборсалар - олам гулистон! Лекин ғийбатлигини била туриб ҳам ғазаблана бошлаймиз. Ҳолбуки, бирон киши қариндошингизни ёмонласа, сиз унга қўшилишиб ёмонламанг. Аксинча, унинг яхши томонларини эслай бошланг. Шунда вужудингизда уйғонаётган нафрат чекинади. Нафратдан

қутула олмасангиз, ўзингизни қийнаб юравермангда, ўша қариндошингиз ҳузурига боринг.

“Менга қарши шундай дебсиз” ёки “Менга қарши шундай иш қилибсиз, сабабини тушунтиринг, айбим бўлса мен узр сўрай, сиз эса кечиринг”, денг. Балки сизга ёмонлик истаган қариндошнинг қалби муҳрлангандир, ўзи иймондан узоқдир, у ҳолда кўп айтишманг, жанжалга яқинлашманг. Агар иймон эгаси бўлса, йўл қўйилган хатони бартараф этиш чоралари бўйича биргаликда фикрлашинг. Икки жигар орасида нифоқ қўзғовчилар орасида хотинларни кўп учратамиз. Овсинларнинг бир-бирига нафрати кундошникидан ёмонроқ бўлади. Қариндошлик занжирини узишга интилувчи хотинларни калтафаҳмликда айблаймиз. Лекин уларнинг гапларига лаққа тушиб жигарларидан юз ўгирувчи эрни-чи? Хотин “акангиз (ёки опангиз) ундай” деб ғийбатни бошлаганида эр “Тўхта, сен айтаётган одам билан биз бир қориндан тушганмиз. Шу одам менга йигирма (ёки ўттиз) йилдан бери ака. У менинг бешигимни тебратган. Унинг кимлигини, яхши-ёмонлигини сендан кўра мен яхшироқ биламан”, деб тўхтатса, ҳар қандай хотин иккинчи марта ўйлаброқ гапирадиган бўлади. Яна шундай аёллар бор-ки, тил билан ғийбат қилганлари етмагандай турли илму амал, жодулар билан қариндошлардан қутулиш чораларини излайдилар. Шукрки, бундай бузғунчилардан кўра оқила аёлларимиз кўпроқ. Бир биродаримиз аёллардан гап кетганида шундай деган эди:
-Худо менга оқила аёл неъматини берди. Мен акамдан ранжиб борди-келдини ҳам йиғиштирмоқчи бўлган эдим. Аҳли аёлимга, фарзандларимга ҳам акамникига боришни таъқиқлаб қўйган эдим. Бир куни аҳли аёлим акамни туғилган кунлари зиёрат қилиб келибди. Бориб келганини яширмай ўзи айтди. Ғазабланган эдим, босиқлик билан тушунтирди: “Агар акангиз билан юзкўрмас бўлиб кетсангиз билган-билмаган қариндошлар, танишлар биринчи навбатда мени айблашади. Чунки мен келинман. Жигарлар озгина ҳафалашиб юришиб кейин барибир яқинлашиб кетасизлар. Жигарни жигардан узиб бўлмайди. Акангиз ёмон бўлсалар сиз яхши бўлаверинг”. Шу гапига фаришталар омин дейишган эканми, орадаги нифоқ кўтарилди.

  • келажакда узилиб кетмаслик учун қуда бўладилар. Бироқ, ёшларнинг оиласи бузилиши натижасида юзкўрмас бўлиб кетадилар. Айнан мана шу ҳолат кишини ўйга толдиради. Яқин қариндошлик занжирини мустаҳкамламоқчи бўлган ака-ука ёки опа-уканинг айблари тўйдан кейин кашф этила бошлайди. “Қизи ундай экан, яхши тарбия бермабди”, деб бир томон иккинчи томонга мағзава ағдарса, иккинчи томон ҳам тек турмайди. Оқибат эса равшан. Оиласи бузилган йигит ва қиз бошқа турмуш қуриб кетади, бироқ, узилган қариндошлик тикланмайди. Баъзан эса аксинча ҳолат ҳам юз беради. Масалан, ука опасининг ёки акасининг ўғлини куёв қилиш ниятида. Очиқ айтолмайди-ку, бироқ ташрифларини беҳад қуюқ қилади. Бу уйдаги ҳар бир маросимда хотини билан келиб хизмат қилади. Кейин бир куни орқаваротдан эшитиб қолади-ки, у ният қилган йигитга қиз қидиришаётган эмиш. Шунда яқинлари орқали ниятини маълум қилганда “Қариндошдан келин қилмайман”, деган жавобни эшитиб, ташрифларини буткул узмаса-да, аввалги меҳрибончиликларини тўхтатади.

Яна шунга ўхшаган турли катта-кичик сабаблар кўпки, буларнинг биронтаси қиёматдаги ҳисоб чоғида бизга баҳона бўла олмайди.

Силаи раҳмни мукаммал равишда бажаришда қариндошлик ҳақларини адо этишлик ҳам бор. Аллоҳ таоло бандаларига “Қариндошларингга, мискин ва мусофирларга ўз ҳаққини бер!” деб буюради. Исро сурасидаги ояти Кариманинг бу маъносини Абдуллоҳ ибн Аббос шундай тафсир қиладилар: “Бунда Аллоҳ ҳақларнинг энг зарурини беришга буюрди. Маблағи бўлса, амалларнинг энг афзали бўлган қариндошларга, мискин ва йўлда қолган мусофирларга беришга даъват қилади. Агар маблағи бўлмаса, ночор кишиларга қандай муомала қилиш лозимлигини ўргатади: “Парвардигорингдан кутадиган раҳмат (ризқ) қўлингда муяссар бўлмай, уларга қарай олмасанг, уларга мулойим гапир”. Яъни ўша ночор одамни ноумид қилмай “ҳозирча йўқ, аммо яна мол келиб қолар, шуни кутиб турибман”, каби умидбахш сўзлар билан яхши ваъда қилишга чорлаяпти. “Қўлларингни бўйнингга сиртмоқлаб қўйма, яъни бахиллик қилма. “Қўлларингни жуда ҳам ёйиб юборма”, яъни бор-йўғингни бериб юбормаки, у вақтда маломатга қоласан. Чунончи, кейин келганларга ҳеч нима бера олмаганинг учун сени маломат қиладилар. Ҳамма молингни олиб кетганлар сени машаққатга солиб қўйган бўлишади ва сен толиқиб қийналиб ўтираверасан”.

Демак, Қуръони Карим ота-онанинг фарзанддаги ҳаққини баён қилибгина қолмай, зикр этилган оятларда қариндошларнинг ҳам бир-бирларида ҳаққи борлигини билдирмоқда. Имкони бор, ўзига тўқ кишида ночор, ёрдамга муҳтож қариндошларнинг ҳаққи бор. Бу ҳақ уларга Аллоҳ томонидан берилган. Бой-бадавлат киши ўз қариндошларига ёрдам берганида миннат ёки фазлини кўрсатиш учун эмас, балки Аллоҳ амрини адо этиш, Аллоҳ белгилаган ҳақни бериш учун қилган бўлади. Шунингдек, ночор қариндош ўзининг бадавлат қариндошидан бирор нарса олганида унинг ҳузурида хору зор бўлиб эмас, Аллоҳ унга белгилаган ҳақни олаётганини тушуниб, ўзини эркин тутиб олади.

Рум сурасида ҳам бу масала яна таъкид этилиб, “Аллоҳнинг юзини кўришни истайдиганлар учун бунинг энг хайрли иш” экани билдирилади. Ризқ бериш Аллоҳнинг лутфи бўлгач, ризқнинг

камайиб қолишидан қўрқмай, қариндошларга ҳақларини бериш керак экан. Яъни, сиз билан бизнинг ризқимизда уларнинг ҳам ҳақлари бор экан. Бу ҳақни тан олмасак, хасислик билан ўзимизга ўзлаштириш чораларини истасак, бизга буюрармикин?

Баъзан ака-ука (ёки опа-сингил) тутинганларни учратамиз (яхши амаллардан ҳисобланмиш бу одоб хусусида дўстликка оид бобда яна фикрлашамиз). Юсуф Ҳос Ҳожиб ҳазратлари ёзадиларки:

Қодошлиқ киши куси чови бедук,
Одошлиқ киши оти сови бедук.
Қодошинг йўқ эрса юри тут одаш,
Одаш эзгу бўлса, бу - булди қодош.
Дейилмоқчиким: қариндошлари бор одамнинг шаъни шуҳрати улуғдир. Дўсти бор одамнинг эса сўзи улуғдир. Кел, қариндошинг бўлмаса, дўст тут. Яхши дўст қариндош ўрнида бўлур.

Чиндан ҳам шундай. Аммо қариндошидан узилган ҳолда ака-ука тутинишни англаб етиш қийин. “Қутадғу билиг”да яна шундай сатрлар бор:

Ёғиз ер яшил сув ёрошти била,
Оро юз чечаклар ёзилди кула.
Ярашиқ юриса қодош ё одаш,
Улардин бўлур қо қодошқа била.

Дейилмоқчиким: бўз тупроқ билан кўлмак сув иттифоқ бўлгани учун юз хил гул-чечаклар кулишиб очилди. Қариндош ёр-биродарлар иттифоқ бўлишса, ундан тарқалган гўзал жамоатлар вужудга келади.

Барча яхши хулқлар бўйича энг гўзал ибрат Расулуллоҳнинг суннатларидир. Абу Ҳурайра айтадиларким: “Қуръони Каримда “Эй Муҳаммад, сен ўзингга яқин бўлган уруғ-аймоқларингни менинг азобимдан қўрқит, уларни огоҳлантир” (Шуаро сурасидан), деган оят нозил бўлган вақтида Расулуллоҳ туриб: “Эй Каъб ибн Луай болалари, эй Абду Маноф болалари, эй Ҳошим болалари, эй Абдулмутталиб болалари! Сизлар ўзингизни дўзах ўтидан қутқаринг! Эй Муҳаммаднинг қизи Фотима! Сен ҳам ўзингни жаҳаннам ўтидан қутқаз! Менга эътимод қилма, чунки қиёмат куни ташвишидан мен сени қутқазишга қодир эмасман. Аммо сизлар билан албатта қариндошлигим бор. Уни мен сизлардан узмайман”, деб ошкора нидо қилдилар”.

Расулуллоҳнинг (с.а.в.) шу хутбаларини унутмасак, юқорида зикр этилган оятлар ва ҳадислар маъносини чақиб, уларга амал қилсак, инша Аллоҳ, қиёматда шарманда бўлмагаймиз. Мазкур мавзу сўнггида яна дуога қўл очайлик:
-Олий, Аъло, Ваҳҳоб сифатли Раббимиз покдир! Бизларга ҳидоят бергувчи ё Раббимиз Аллоҳ, бизларни қариндошлардан бегоналаштирмаётганинг учун Ўзингга шукрлар қиламиз. Вафот этган қариндошларимизга лозим даражада силаи раҳм қила олмаган бўлсак, бу гуноҳларимизни кечир, охиратда улар билан ризоликда кўришмоқликни насиб эт. Ўзимиздаги силаи раҳм одобини мукаммал қилганинг ҳолда зурриёдларимизни ҳам бу неъмат билан неъматлантир.

Уларни қариндошларнинг меҳр-муҳаббатларидан баҳра олиб яшашларини насиб эт. Агар шу кунларда силаи раҳмни билиб-билмай узиб қўйган бўлсак, ёки шайтон узишликка васваса қилаётган бўлса, бизларни у лаънати иблис йўлидан қайтар. Бераҳмлиги учун қариндошлари дуоибад қилмасларидан аввал уларга узр айтиб борадиган солиҳлардан қилгин бизларни. Омийн ё Раб ал-оламийн!

Азизлар, бу суҳбатимиз сизларга маъқул келдими ё йўқми, билмайман. Ҳар ҳолда маъқул келишига умидим бор. Агар шундай бўлса, ҳар биримиз ўтган кунларимизни эслаб кўрайлик. Эҳтимол, қайсидир қариндошимиздан озми-кўпми узоқлашгандирмиз. Шундай бўлса, ҳадиси шарифда зикр этилган, холаси билан ярашиб келган одам сингари бугунми ё эртагами, ҳар ҳолда кўп кечиктирмай, унинг ҳузурига борайлик.

Жамиятнинг дурру гавҳари

Оилани биз қандай тушунамиз, қандай ҳимоя қиламиз? Рашк - дўстимизми ё душманимизми? Шулар ҳақида фикр юритишга ҳозирланайлик. Аллоҳ бизларни адаштирмасин.

Оилани мўъжазгина бир жамиятча деб фараз қилсак, бутун инсоният жамиятининг дахлсизлиги айнан шу “жамиятча”нинг жипслигига боғлиқ. Демак, қайсики жамиятдаги оилалар мустаҳкам эмас экан, бу жамият ҳарбий қудрати ва бойлигидан қатъи назар, ҳалокатга маҳкумдир. Оилавий муҳаббат одамлар орасида кенг тарқалган энг мустаҳкам муҳаббатдир. Шунинг учун ҳам у кишилар ҳаётига таъсир кўрсатиш жиҳатидан одамнинг энг муҳим ва энг ҳаётбаҳш туйғусидир. Ўз уйида бахтли бўлган кишигина чинакам бахтлидир. Хароб уйдаги бахтсиз одамлардан ташкил топган жамиятнинг ҳалокатга маҳкумлиги шундан келиб чиқади. Ҳар бир инсоннинг оила олдида, оиланинг жамият олдида масъулияти бор. Бу икки ижтимоий тушунчани бир-биридан айириш қийин. Аввалги бобларда зикр этганимиз - ишқ, ота-онага муҳаббат, силаи раҳм ва кейинги бобда фикр юритадиганимиз дўстга муҳаббат ҳам жамият маънавий оламига ўз таъсирини ўтказади. Аммо оила бу ўринда алоҳида аҳамият касб этади. Соддароқ қилиб айтилса, оиласида ҳаловати йўқ одамнинг хизмат жойида ҳам ҳаловати бўлмайди. Демак, ишидан барака кетади, хизматдошлари билан қўпол муомалада бўла бошлайди. Ёки аксинча, ишда омади юришмаган, хўжайинлардан сўкиш эшитган одам уйга қайтганда аламини оила аъзоларидан олади. Агар ҳаётимизнинг барча мақсад-мазмуни оиладаги шахсий бахтимиздан иборат бўлганида, шахсий бахтимиз биргина оиладаги муҳаббатда ўз ифодасини топганда эди, унда ҳаёт деганлари чиндан ҳам қоп-қоронғу саҳрога айланиб қолган бўларди. Инсон учун юракнинг маънавий оламидан ташқари ҳаётнинг яна бир буюк олами - ижтимоий фаоллик олами ҳам бор. Буни инкор этиш ёки четлаб ўтишга уриниш мутлақо мумкин эмас. Шунинг учун ҳам аҳли китоблар Аллоҳнинг бу масаладаги буйруқларига ғоят жиддий муносабатда бўлганлар. Пайғамбарлар умматларини пок ва ҳалол оила қуришга даъват этганлар. Инсоният тарихи давомида яшаб ўтган донишманд файласуфларнинг диққат-эътиборларидан ҳам бу масала четда қолган эмас. Ўтмиш устозларнинг фикрлари бизлар учун ҳамиша қадрли. Аммо улар ўз даврларидаги жамият талабларидан келиб чиқиб, оилага турлича талаблар қўйганлар. Масалан “Оилавий ҳаёт инқилобчининг ғайрат-шижоатини сусайтиради”, деган аҳмоқона фикр йигирманчи асрда юзага чиқди ва ўзбек тилидаги ахлоққа оид китобларда қайта-қайта зикр этилди. Ўтган асрнинг йигирманчи-ўттизинчи йилларидаги бадиий асарларда севишганлар тўй ҳақида сўз очишса “Шошилма, аввал жаҳон инқилоби ғалаба қилсин!” деб инқилобга содиқликларини намойиш қилишган. Бунақа тентакларнинг қанчаси жаҳон инқилобининг ғалабасини кутиб, тўй кўрмай ўтиб кетди экан. Эсизгина умр! Шунга ўхшаган ҳолат бизда ҳам учрарди. Фақат биздаги ошиқ-маъшуқлар тўйни жаҳон инқилоби ғалабасигача чўзишмасди. Ашулалар бўларди: “Бўйларингга бўйлари, қачон бўлар тўйлари?” деб сўралса “Аввал колхоз пахта планини тўлдириб олсин”, деб жавоб беришарди. Колхоз пахта планини бажарса-ку, хўп-хўп, бўлмаса йигит бечора то келаси кузгача юлдуз санаб, ёстиқни қучоқлаб ётаверадими? Агар севган қизи сулув бўлса-ю, бирон чапдаст йигит чиқиб пахта плани бажарилиши кутиб ўтирмай, уни илиб кетса! Урди Худо! Бу ҳозир бизга кулгили туюлади, лекин оила билан жамият манфаатини бу хилда талқин этиш бефаҳмликнинг бир кўриниши эди. Жамият манфаати биринчи ўринда турадими ёки оила манфаатими, деган саволга бир хилда, қатъий жавоб бериш ҳам мумкинмас. Чунки айрим ўринларда оила, баъзан эса жамият манфаатлари биринчи даражали масала бўлиб қолади. Айрим ҳолларда жамиятнинг оиладан сўровлари бор, яна бир ҳолларда оиланинг жамиятдан талаблари бўлади. Бу масалани ҳам битта қолипга солиб тақдим этиш мумкинмас.

Оила ўз хоҳишича яшаши керакми ёки жамият талабларини бажаришга мажбурми? Агар жамият талабларига бўйсуниб яшаши шарт бўлса, оиланинг ҳеч қандай ҳақ-ҳуқуқи йўқ эканда?

Бу ўринда ҳам савол умумий тарзда эмас, аниқ масалалар бўйича ўртага қўйилиши керак. Яъни: жамият оиланинг пок бўлишини талаб этадими, демак, бу талабга бўйсуниши шарт. Жамият оиладан оқил фарзанд тарбиясини талаб этадими, демак, бу талабни ҳам сўзсиз бажармоғи зарур. Лекин бу талабларни барча оилалар бир хилда бажармайдилар. Чунки барча оилаларнинг бу соҳалардаги тушунчалари, ҳаётий тажрибалари турлича. Ҳар бир халқнинг, ҳатто ҳар бир мамлакатдаги ҳар бир вилоят, шаҳарнинг ўзига хос урф-одатлари оила ва жамият орасидаги муносабатларни ўзига хос равишда белгилайди.

Русларнинг улуғ ёзувчиси Лев Толстойнинг “Анна Каренина” деб номланган асарига кўзингиз тушган бўлса, у шундай сатрлар билан бошланади: “Бахтли оилаларнинг ҳаммаси бир-бирига ўхшайди, бахтсиз оилаларнинг эса ҳар бири ўзича бахтсиздир”. Бу яхши фалсафий фикрга ўхшагани билан баҳслашиш мумкин. Чунки бахтни ҳам ҳар бир оила ўзича тушунади. Масалан, ҳаром йўллардан қайтмай бой яшаётган оила ҳаромдан парҳез қилиб, озига қаноат қилаётган

қўшнисини бахтсиз деб ҳисоблайди. Бу қўшни эса унинг охиратини ўйлаб, бахтсизлигидан афсусланади. Демоқчимизки, оилаларнинг бахти ва бахтсизлиги ҳам фақат ўзларига хос, бир-бирига ўхшамайди. Ҳатто бир оила аъзоларининг бахт ҳақидаги тушунчасида ҳам фарқ бўлади. Эр бахтни илм олишда, деб билса, хотин билакни безовчи тилла билакузукда деб ҳисоблайди. Қани, барча тушунчаларни битта қолипга солиб кўринг-чи!

Турли халқлардаги оила ва бахт тушунчаси ҳақида сўз очдик, асосий гапларимизга ўтишдан олдин кичик бир мисолга мурожаат қилайлик.

Тилга олганимиз асардаги Анна Каренинанинг оиласи ва унинг ўлими билан Кумушбибининг оиласи ва ўлими орасида қандай фарқ бор?

Икки ёзувчининг тасвирига қараганда бу аёлларнинг икови ҳам ғоят гўзал, икковида ҳам муҳаббат бор, икковлари ҳам севги қурбони. Ҳар икки асар ҳам бу икки лобарларнинг ўлимлари билан ниҳоясига етади. Лекин уларнинг муҳаббатлари ва оилага садоқатлари бир хилми? Анна -оилали жувон, бегона эркакни севди. Оқибатда ўзини ҳалок қилди. Унинг бир гуноҳи икки бўлди. Кумушбиби - маъсума аёл. У жуфти ҳалолига содиқ. Уни ҳатто кундошидан ҳам қизғанади. Балки ана шу қизғаниши, рашкининг чегарасидан чиққани учун ўлим топгандир? Бу икки аёл ўлими сабабчилари - Аннанинг севгилиси (Эри эмас!) билан Кумушнинг кундоши - Зайнаб тақдирида қандай яқинлик бор? Ҳеч қандай! Кумуш-зайнаблар тақдирини европаликлар ҳаётидан излаб тополмаймиз. Келинг, икки ўлимга доир икки баёнга диққат қилайлик:

“...яқиндагина ҳаёт жўш уриб турган, энди эса казарма столида, ёту бегоналар кўзида Аннанинг жасади ибосиз бир равишда қонларга беланиб ётарди; соғ қолган чаккалари, гажакли боши, оғир кокиллари орқага ташланган; гўзал чеҳрасида, ярим юмуқ қизғиш лабларида ачинарли, тиниб қолган очиқ кўзларида ваҳимали бир ифода бор эди; бу ифода уришиб қолишганда Вронскийга “Шошманг, ҳали пушаймон бўласиз”, деган ўша даҳшатли сўзни айтиб турганга ўхшарди... ”

Бу баёндаги “Аннанинг жасади ибосиз бир равишда қонларга беланиб ётарди”, деган тасвирга алоҳида эътибор қаратмоқ лозим. Муҳаббат деган баҳона билан оилага хиёнат қилган, ибосиз ҳаёт кечирган аёлнинг жасади ҳам бегоналар кўзи олдида ибосиз ҳолатда ётарди. Бу ҳам ибосиз ҳаёт учун берилган бир “мукофот” эмасми! Энди бу тасвирга диққатингизни тортамиз:

“...Ҳожи Кумушнинг бошига келиб ўлтурди. Отабек ва онаси оёқ устида эдилар. Кумушнинг кўзи юмуқ, сочлари юзи устида паришон эди. Ҳожи ўз қўли билан сочларини тузатиб Кумушнинг кўкимтил товланган юзини кўрди ва ва манглайини босди...
-Ойим... Ойим! - деди Ҳожи. Кумуш кўзини очиб, бесаранжом унга назар ташлади ва таниб... қўзғалмоқчи бўлди.
-Қўзғалманг, ойим... қўзғалманг!

Кумушнинг кўз ёшиси чаккасидан оқиб тушди... Ҳожи ҳам ўзини тўхтатолмай, Кумушнинг ёшини артиб, бошини силади:
-Худо шифо берар, болам!

Кумуш жомга қўзғалди, Отабек келиб қўлтиқлади, Ҳожи ҳам унинг бошини тутди... Бу гал қусуқ қонга айланган эди, бурнидан ҳам бир неча томчи қон оқди... Қусуб ётгач, кўзи ярқиллаб очилиб кетди ва теварагига бетоқат қаранди:
-Ойи... дада...-сўнгра, - бегим, - деб ингранди... Эрининг юзини юзига қўйди, уялгансумон кўзини юмди....”

Устоз Абдулла Қодирий қаламларидан кўчган бу тасвирнинг ҳар бир нуқтасига диққат билан разм солайлик. Биз истаймизми, истамаймизми, оила масаласини англашда ғарб ва шарқ тушунчалари орасида кескин фарқлар борлигини тан олишга мажбурмиз. Буни юқоридаги икки баён ҳам тасдиқлаб турибди.

Кумуш “эрининг юзини юзига қўйди, уялгансумон кўзини юмди...” Бу ҳолат оддий муҳаббат тасвири эмас, балки ўлими олдидан ҳам эрининг мартабасига риоя қилинишининг ифодасидир. “Исломда инсонга сажда қилиш йўқ. Агар бўлганида, аёлларнинг эрларига сажда қилишларини буюрган бўлардим”, мазмунли ҳадиснинг маъносида аёл киши эрига бутунлай итоат этиши лозимлиги англашилади.

Эри қай пайтда аёлини ёнига чақирса, аёл албатта итоат қилиши ва ҳар қандай ишни тўхтатиб, эрининг ёнига бориши шарт. Шарқдаги оилалар асрлар бўйи шу одат бўйича яшаганлар. Бу одат бузилган онларда шу оилада ихтилоф чиққан. Ҳозирги кунимизда аёлларимиз ёшлик қилибми, ёки ғарбнинг таъсиридами, бу одатни рад этишга интилишади. Эр чақирганда “ҳозир” деб қўядилар-да, ишларини қилаверадилар. Бирон иш билан машғул бўлишса, узрлидир, лекин телефондаги узундан узоқ гапларини бас қилмасликлари, телевизордаги Мексиканинг беҳаё фильмларидан кўз узгилари келмай қимирламасдан ўтиришлари айб саналади. Бу гапларни осмондан олиб ёзаётганим йўқ, ёш оилаларнинг қўйди-чиқдиларида иштирок этганимда деярли ҳар бирида хотинга нисбатан шу айб айтилади. Бу ўринда “демак, эр хўжайин, хотин - чўри мартабасидами?” деган фикрдан узоқ бўлиш керак. Эрга хизмат қилиш чўрилик эмаслигини тўйдан олдин қизларимизга яхшилаб тушунтириб қўйишимиз керак. Афсуски, биз қизларимизга сеп тўплашга берилиб кетиб, одоб бойлигини беришни унутиб қўямиз. Оиладаги эр ўрнини тўрт-беш эркак бамаслаҳат белгилаб бермаган. Бу мартаба Аллоҳнинг иродаси: “Эркаклар хотинлари устидан (оила бошлиғи сифатида) раҳбардирлар. Бунга сабаб Аллоҳ уларнинг бировларини бировларидан (яъни эркакларни аёллардан) ортиқ қилгани ва эркаклар (хотинлари ва оилалари учун) ўз мол-мулкларидан сарф-харажат қилганларидир. Бас, ибодат-итоатли ва (эрлари) йўқлигида Аллоҳнинг ҳифзи ҳимояти билан (эрларининг мол-мулкларини ва ўз иффатларини) сақловчи хотинлар - яхши хотинлардир” (Нисо сурасидан). Қаердаки, Аллоҳнинг бу иродасига қарши чиқилса, ёки ўзгартиришга уриниш бўлса, билингким, бу оилани аввало тотувлик тарк этади оқибат эса ажралишгача бориб етади. Янги турмуш қураётган фарзандларимизнинг барчаси бу оятни билишлари керак. Чунки мазкур ояти Каримада оиладаги эр билан хотиннинг ўрни аниқ белгилаб берилган. Шариат ҳукмича, эр аввало оиланинг барча молиявий ва маънавий тарафларига жавобгар, уни четдан бўладиган ҳар қандай хуружлардан ҳимоя қиладиган шахсдир. Мана шулар эвазига ва эркак киши учун фазилат саналмиш оғир-босиқлик, оила тебратишдаги тадбиркорлик каби сифатлар сабабли у оиланинг бошлиғи саналади. Яхши хотин эса диёнатли, эрнинг уйини обод қиладиган ва унга бир умр садоқатли бўлган аёлдир.

Эзгу зотли Ҳафса бинт Умар яхши хулқли Фотимага дедиларки:
-Сен нечун эрингга бу қадар бўйсунурсан?

Ҳазрати Фотима айтдиларки:
-Менинг эримга бўйинсиниб хизмат этмагимдан муроду мақсадим Аллоҳ таолонинг ризосидир. Шу аснода эримнинг даъво қилмиш нарсаси ҳам тугайди. Яъни эримга кўп хизмат қилмоғим Аллоҳ учундир. Шу йўсин мен эримнинг дунё ва охират даъвосини адо этаман. Бунинг учун эрим мендан хушнуд бўлади.

Яна дедиларки:
-Бир хизмат билан икки тоат енгил бўлди. Бири - Аллоҳ ризолиги. Иккинчиси - эримнинг шод бўлгани. Киши бир хизмат билан бундай улуғ савобларга муяссар бўлгач, нима учун Аллоҳ буюрганга бўйинсунмас экан? Ҳолбуки, Аллоҳ таоло хотинларга эрларига бўйинсунмоқни буюради.

Демак, оилада эрнинг аёлига нисбатан ўта жиддий ўз масъулияти бор экан. Аёлнинг еб-ичиши, кийиниши ва уй-жой билан таъминланишига масъул эканликларини унутган айрим биродарларимиз борки, уларни ғафлат уйқусидан уйғонишлари вақти келмадимикин? Такрор ва такрор эслатамиз: оилани моддий жиҳатдан таъминлаш ҳам эрнинг вазифаси. Ҳатто бирон сабаб билан аёл болани эмизишни хоҳламаса, эмизадиган энага топиб, болани улғайтириш ҳам эрнинг бурчи. Ислом динимиз оилада мана шундай бир мувозанатни қарор топтиради. Эр-хотиннинг бир-бирларига муносабатлари аниқ белгилаб берилган. “Оналар болаларини тўла икки йил эмизадилар. (Бу ҳукм) эмизишни камолига етказишни истовчилар учундир. Уларни (оналарни) меъёрида озиқлантириш ва кийинтириш отанинг (эрнинг) зиммасидадир. Ҳеч кимга тоқатидан ортиқ (масъулият) юкланмайди” (Бақара сурасидан). Ислом динимиз эр куч ва қувватли деб, аёлни эр тарафидан эздирмайди; аёлни ахлоқсиз ва беор бўлишига ҳам йўл қўймайди. Баъзи бир эрлар дейишсаки: “Мен хотинимнинг ҳаққини билмайман. Мен хўжайинман. Икки гапнинг бирида сўкмасам хумордан чиқмайман. Урмасам қўлим қичиб туради”. Шундайми? Яхши, истагингизни қилаверинг биродар. Аммо бу учун охиратда албатта жазога тортилишингизни унутманг. Аллоҳ бизларни огоҳлантиради: “У кунда киши ўз оға-инисидан ҳам, онаси ва отасидан ҳам, хотинию бола-чақасидан ҳам қочур”. Ажаб! Нега охират куни эр ўз хотинидан қочар экан, ўйлаб кўрмаганмисиз? Чунки фоний дунёда уни ноҳақ урди, унга тўғри йўлни кўрсатмади, моддий таъмин этмади... Энди вақт келдики, хотин ҳаққини талаб этади. Агар шундай бўлишига ишонмасангиз қандай яшагингиз келса яшайверинг. Аллоҳ ҳозирча ихтиёрингизга қўйибди. Охират шундайки, бу дунёда қул мартабасида яшаганлар хўжайинидан кўра юқорироқ даражага етишади. Бу дунёда керилиб юрган жаноблар менсимагани, сариқ чақага олмагани, ҳақоратлагани, хўрлагани, қул ўрнида кўргани одамнинг ҳам шафоатига муҳтож бўлиб қолади. Хотини ҳақига риоя қилмаган эрнинг оқибати ҳам шундан ўзгача бўлмайди. “Хотинларнинг ҳақларига риоя этингиз. Улар билан меҳр-шафқат ила муомалада бўлингиз. Уларнинг ҳақлари хусусида Аллоҳдан қўрқингиз. Хотинлар сизларга Парвардигорнинг омонатидир”. Пайғамбаримизнинг, алайҳиссалом Вадо хутбаларидаги бу васиятни ҳар бир эр доимо дилида сақлаши ва амал қилиши шарт. Бу Парвардигорнинг омонатларига хиёнат қилишдан ўзни сақламак керакдир, дегани бўлади.

Эшитган эдим, ростми ёлғонми, билмайман: лўлиларнинг қайси бир уруғида тўй чоғи куёв бола гулхан атрофида ўтирар экан. Келин эса бўйнига хуржун осиб олиб унинг атрофида айланиб “Ўлгунимча сени боқаман”, деб қасам ичаркан. Шу зайлда уч марта айланиб, қасам ичгач, куёв унга уйланишга розилик бераркан. Бозорларда катта-катта ва оғир-оғир халталарни кўтариб юрган аёлларимизни кўрганимда шу одат эсимга тушади. Бизда никоҳ чоғи эр зиммасига оила ташвиши юкланади. Агар узоқ сафарга отланса ҳам, таъминотни мукаммал қилиб кетиши керак. Аёлларнинг рўзғор харажатларини кўтариб чиқишлари эр учун бир уят бўлса, тижорат мақсадида бегона юртларга бегона эрлар билан юбориши ундан баттар уятдир. Тижорат мақсадида узоққа борган аёлларимиз ҳақида турли миш-мишлар юради, биз уларни маъқулламоқчи эмасмиз. Агар шундай десак, покиза опа-сингилларимизга туҳмат қилиб қўйган бўламиз. Лекин ризқ қидириб узоққа бормаслик ва танмаҳрамсиз юрмаслик ҳақидаги буйруқларга амал қилсалар ўзларига нисбатан ортиқча гап орттириб олмайдилар. Ундан ташқари бизни ранжитадиган нарса - аёллар мусофирликда қийналиб, оғир юклар кўтариб юрадилар, йўл азобини кўрадилар, ўз масъулиятига риоя қилмаётган эрлар эса чойхонада ошхўрлик қилиб ётадилар.

Ўтган асрда Европада эр-хотин ўртасида тенгҳуқуқлилик деган масала кўтарилди. Совет жамияти бунга алоҳида эътибор берди. Аммо аёлларни эрлар билан тенгҳуқуқли қиламан, деб уларни аксинча чўридан баттар ҳолатга айлантирди. Тенгҳуқуқлилик дегани эр нима иш қилса аёл ҳам бажарсин, дегани эмас. Эр қурилишда ғишт терди - аёл ҳам, бетон қуйди - аёл ҳам, трактор минди - аёл ҳам. Бу ўтакетган инсофсизлик-ку! Европада кўтарилган масала бошқача эди. Ўтган асрларда заводда айнан битта ишни бажарган эрга кўпроқ, аёлга эса камроқ ҳақ тўланган. Аёлларнинг халқаро ҳаракати ҳақ тўлашдаги тенгҳуқуқлиликни талаб қилган. Афсуски, тенгҳуқуқлиликни нотўғри тушуниш ҳозир ҳам давом этиб келяпти. Ўрни келганда айтиб кетайлик: штанга, кураш, бокс, футбол... каби спорт турларида қиз-жувонларнинг қатнашишлари бизнингча дуруст эмас.

Агар диққат қилиб кузатсак, бугунги жамиятларда адолатли мувозанатларнинг бузилиши кузатилмоқди. Ғарбда аёллар ўта ахлоқсиз, беҳаё бўлиб кетишган. Юз йил аввал Анна Каренинага ўхшаганлар бармоқ билан санарли бўлса, энди кишининг ақли ҳисобдан адашиб кетади. Бундай ҳолатларни биз хорижга қилган сафарларимиз даврида ўз кўзимиз билан кузатдик. Ғарбнинг кинофильмлари ҳам фикримизни исботлайди. Ғарб аёллари ўзларини эрлар билан тенг ҳуқуқли деб билишади. Динимизда бундай эмас. Оилада эр ва аёлнинг ўз ўрни мувозанат ва адолат билан белгилаб берилган. Бу мувозанат бузилган жамиятларда “эркин муҳаббат” деган аҳмоқона, айтиш мумкинки, ҳайвонларга хос тушунчалар туғилди. Яъни эр-хотин биргаликда яшайверади, аммо хотин кўнгли тусаган эркак билан, эр эса кўнглига ёққан аёл билан зино қилаверади. Агар бола туғилса, қайси эрдан туғилганини аниқлаш учун ирсият соҳасидаги мутахассисларга мурожаат қилишади. Бу ҳам етмагандай эркакнинг эркак билан аёлнинг аёл билан никоҳларини расмийлаштириш бошланди ва бу ҳайвоний қўшилишни ҳам муқаддас ном - “оила” деб атаяптилар. (Бу ҳақда фаҳш бобида кенгроқ тўхталармиз.)

Динимизнинг жинсий муносабатлар хусусида ғоятда маъқул, ниҳоятда мақбул тавсиялари бор. Биринчидан, никоҳ суннат ва савобдир; никоҳланган кишининг савоби ортади. Уйланган киши уйига бир ҳисса егулик ва ичгулик олиб келса, етти юз ҳисса савоб берилади. Рўзғор тебратиш учун қилинган сарф-харажатлар жиҳод қилиш билан баробар ҳисобланади. Ҳатто никоҳдаги эр-хотиннинг жинсий алоқасида ҳам савоб бор. Расулуллоҳ (с.а.в.) шу ҳақда гапирганларида саҳобалар: “Ё Расулаллоҳ, биз нафсимизнинг, шаҳватимизнинг орзусини қондирамиз, бундан ҳам савоб топамизми?” деб сўрашганларида жавоб бердиларким: “Албатта! Шундай қилмасангиз, гуноҳ йўли билан қондиришингиз мумкин... Шунинг учун ҳам савобдир”.

Исломда инсон табиатига, фитратига, яратилишига ғоятда мос бир хатти-ҳаракат мавжуд. Эрнинг хотини ёнига узоқ муддат яқинлашмаслиги ҳам дуруст эмас. Чунки у аёлнинг ҳам жинсий хоҳишлари бор, унинг ҳам эҳтиёжларини қондириш керак, деган маънода адолат қилишга чақирганлар. Шунинг учун Исломда шаръий жинсий муаммога эътибор беришган, уни асло айб санашмаган. Баъзан эр-хотиннинг ажралиши сабабларини диққат билан ўргансангиз, оилани бузилишига олиб келувчи жиддий ҳолатларни учратмайсиз. Бизда оиланинг бузилишига айнан жинсий муносбатлардаги етишмовчиликлар ҳам сабаб бўлиши мумкинлиги сира айтилмайди. Бу айб саналади. Ҳатто айрим эрларнинг ёки аёлларнинг зинога юриб кетишларига ҳам бир-бирларидан қониқмаганлари сабаб бўладики, буни эътибордан четда қолдириш мумкинмас.

Шаъбий (р.а.) айтадилар:

“Бир аёл ҳазрати Умарнинг (р.а.) ҳузурларига келиб: “Эй амирал мўъминин, сизга инсонларнинг энг яхшиси устидан шикоят қилгани келдим. У шундай одамки, яхши амал борасида унга етадиганлари оз. Кечалари тонггача намоз ўқийдилар ва кундузлари доимо рўзадор бўладилар”, деганидан кейин уялиб, аслида айтмоқчи бўлган гапларини айтолмади ва: “Эй мўъминларнинг амири, мени кечиринг”, - деди.

-Яхши, - дедилар ҳазрати Умар. - Аллоҳ сендан рози бўлсин. Сен у одамни жуда яхши сифатлар билан мақтадинг. У ҳақда бундан ортиқ бирор нарса гапиришингга ҳожат йўқ.

Аёл чиқиб кетгач, Каъб ибн Сурр (р.а.) дедилар:
-Эй амирал мўъминин, аёл уялиб, шикоятини сўзлай олмади.
-Аёлнинг қандай шикояти бор эди?
-Аёл эридан “завжият (яъни эр-хотинлик) ҳақ-ҳуқуқларига риоя этмаётир”, деб шикоят қилмоқчи эди.

Бу гапни эшитганларидан сўнг ҳазрати Умар (р.а.) аёлни орқага қайтариб, унинг эрига ҳам хабар юбордилар ва аёлнинг эри келгач, Каъбга:
-Ораларида сен ҳакамлик қил, - дедилар.
-Сиз шу ердалигингизда мен қандай ҳакамлик қиламан?
-Мен тушунмаган нарсага сенинг ақлинг етди. Бинобарин, уларни эшитиб, ораларида ҳукм этмоқ сенинг ҳаққингдир, - дедилар халифа.

Шунда Каъб халиги одамга:
-Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло эрларга хитобан: “агар етимларга адолатли бўла олмасликдан қўрқсангиз, сизлар учун (никоҳи) ҳалол бўлган аёлларга иккита, учта, тўрттадан уйланаверинглар”, дея марҳамат қилганига кўра, кўпи билан уч кун (нафл) рўза тутишинг мумкин. Тўртинчи куни тутмаслигинг керак ва кўпи билан уч кеча тонггача ибодат қилишинг мумкин. Тўртинчи кеча аёлингнинг ёнида ётишинг лозим, - дедилар.

Эр-хотин кетишгач, ҳазрати Умар Каъбга:
-Сенинг бу топағонлигинг боягисидан ҳам гўзалдир,-дедилар ва Басрага қози этиб тайинладилар”.

Бу ривоятда гўзал бир донолик ҳам чарақлаб турибди: ҳазрати Умар эрга тўғридан-тўғри “эрлик вазифангни бажар”, деб амр қилмадилар ва буни доно биродарларига топширдилар. Каъб ҳам ўта нозиклик билан тушунтирди. Чунки у киши ҳам “ибодатингни йиғиштириб, хотининг билан бирга бўл”, дея олмасдилар.

“Уйланишдан, хотин олишдан ҳамманинг мақсади бир хил эмасдир”, дейилса, бу фикр дастлаб ғалати туюлиши мумкин. Баъзилар айш-ишрат қилиш, шаҳват нафсини қондириш учун уйланмайдиларми? Шу ниятда энг сулув қизларга етишмоқ учун не-не шумликлар қилмайдилар? Бу шумликни оқибатини биз “оила” дея олмаймиз. Баъзилар эса бой бўлиш мақсадида бой хотинга тузоқ қўядилар. Бунинг натижаси ҳам “оила” эмас. Яна бир хил одамлар фарзандталаб бўладилар ва шу мақсадда оила қурадилар. Баъзи одамлар гуноҳдан сақланиш учун уйланадилар. Яна бир қанчалари уй-рўзғор, саранжом-саришталиклари учун уйланадилар.

Оила қуришда улуғ савоблар борлигини яна таъкид этамиз. Шундай инсонлар борки, савоб учун атайин уйланишади, савоб истагида турмушга чиқишади. Бир илмли одам бир қизни сўраб совчи юборади. “Аллоҳнинг амри, ҳазрати Пайғамбаримиз (с.а.в.) суннатларига мувофиқ қизингизга уйланмоқчилар. Биз розилигингизни олмоққа келдик”, дейишади совчилар. “У киши жонимни сўрасалар жонимни берай, аммо қизим у зотга муносиб эмас. Чунки қизимнинг икки оёғи шол. У муҳтарам зотга эса хизматларини адо этувчи соғлом жуфти ҳалол керак”, дейди қизнинг отаси узр билан. Совчи қўйган киши қизнинг аҳволидан хабардор эди. “Бу қиз ногирон бўлгани сабабли унга ҳеч ким уйланмайди. Соғлом ва чиройли бўлганида ҳамма кетидан чопиб, ҳоли-жонига қўймасди. Мен шу бечорага уйланиб, кўнглини кўтарай”, деган қароридан қайтмайди.

Шунга ўхшаш бошқа воқеа: Шуҳрат Умаров исмли шоир биродаримиз бўлардилар. (Аллоҳ раҳмат этсин!) Шуҳрат ака талабалик йилларида йиқилиб, беллари майиб бўлиб ётиб қолган эдилар. Бу ҳолдан хабар топган шоира синглимиз Насибахон тақдирларини шу ногирон шоир тақдири билан боғлашга қарор қилдилар. Ёш ва гўзал қизнинг бу қарори кўпчиликни таажжубга солди. Таажжубланганлар Насибахоннинг ташқи гўзалликларини кўрардилару аммо қалб гўзалликларини, иймон гўзалликларини ҳис қила олмасдилар.

Биз шунақамиз: ногирон фақат ногирон билан турмуш қуриш керак, деган бемаъни тушунча билан яшаймиз. Соғлом йигит шол ёки кўзи ожиз қизга уйланса ажабланамиз. Гўзал қиз ногиронни севса ишонқирамаймиз. Демаймизки, Аллоҳ розилиги учун қилинаётган бу амаллар нақадар гўзал! Шуҳрат ака билан Насибахонга Аллоҳ солиҳ ўғил фарзанд берди. Шуҳрат ака ҳали ёш ўғилларига “онангни Ҳаж ибодатига олиб борасан”, деб васият қилган эканлар. Беҳзод улғайгач, ота мерос автомашина сотилиб, васият бажарилди - Аллоҳ она ва болага улуғ ибодатни насиб этди. Насибахон бахтларини айнан шу оилада топганларига ишора эмасми бу!

Улуғлик деганимиз ҳам шу, қаҳрамонлик деганимиз ҳам шу! Оиланинг муқаддас тушунча эканига ҳам мисол шу.

Тилимизда “оила қурди” ёки “оила барпо этилди” каби ибораларни кўп учратамиз. Шунинг қаторида “оила бузилди” ёки “оиласи барбод бўлди” деганлари ҳам бор. Демак, оила умр йўлидаги гўзал бир саройга ўхшатиляпти. Демак, уни қуриш керак. Қурганда ҳам пойдеворини мустаҳкам қилиб, зилзилаю дўлларга бардош берадиган тарзда бино қилиш шарт. Демак, “оила” ёшлар қўлига тантана билан тутқазиладиган зарқоғозга ўралган ширинлик эмас. Афсуски, айрим бадавлат ота-оналар оилани шундай тушунадилар. Фарзандларини моддий томондан тўла таъминлаб оила қурилди, деб хотиржам бўладилар. Тўғри, оила саройини қуришда ота-онанинг вазифаси мавжуд. Аммо тўлалигича қуриб бера олмайди. Бу қурилишда эр-хотиннинг ўзи ҳам фаол иштирок этмас экан, бу сарой дастлаб шоколад каби бўлиши мумкин, аммо сал вақт ўтиб, эрий-эрий йўқ бўлиб кетади. Ўзича эриб кетса, тақдирга тан берилар, аммо бу шоколад қасрни ялашга ишқибозлар ҳам топилиб қолса-чи?

“Уйланишдан олдин иккала кўзингни ҳам катта оч, уйланганингдан кейин биттасини юм”, деган ёзилмаган бир қоида борки, кўпчилик унга амал қилмайди. Аввало йигитнинг ҳам қизнинг ҳам иккала кўзларини катта очишларига ота-оналари йўл қўймайдилар. Кейин эса ёш хотиннинг ҳаракатларини кузатишда битта кўзни юмиш ўрнига тўрт-бешта кўз билан қарай бошлайдилар. Аҳмад Дониш айтган эканларким: “Агар келин-куёв бировларнинг гапларига, фисқу фасодларига кирар эканлар, уларнинг ширин турмушлари бузилади, ораларига совуқлик тушади”.

Йигит ва қиз ёстиқдош бўлгунларига қадар бир-бирларининг одатлари, феъл-атворлари ва руҳиятларини мукаммал ўрганишмаса оилани бахтиёрлик пойдеворига қуришлари осон бўлмайди. Чунки яхши оила қуриш учун биргина муҳаббат кифоя эмас. Орада дўстлик ва ишонч ҳам бўлиши керак. Шундай оилаларни учратамизки, эр-хотин бир-бирини севади, турмуш қуришни эса билмайди. Оила қуришда маълум босқичларда биргаликдаги кураш, машаққатларни биргаликда енгиб ўтиш талаб этилади. Дейдиларки: “Муҳаббатнинг кўзи кўр бўлади”. Яъни бир-бирига кўнгил қўйган йигит ва қиз унча-мунча хато ва камчиликларни сезмайдилар, сезсалар ҳам эътибор бермайдилар. Муҳаббатнинг кўзи кўр бўлса, оиланинг кўзлари ҳамиша очиқ бўлади. У ҳатто тунлари ҳам юмилмайди. Илгари арзимас ҳисобланган камчиликлар жиддий аҳамият касб эта бошлайди. Ота-оналарнинг эса бошлари қотади: ахир бир-бирларини яхши кўришарди-ку? Йигит “шу қиздан бошқасига уйланмайман”, деб қанча “номзодларни рад этган эди-ку? (Қиз ҳам бошқа йигитларни хушламаган эди!)

Бир-бирини билиш - бир-бири ҳақида ҳамма нарсани билиш эмас. Бу бир-бирига нисбатан ишончли ва ёқимли муносабатда бўлиш, бир-бирига ишониш демакдир. Одам бошқа шахснинг руҳий оламига бостириб киришга уринмаслиги керак. Аёл билан танишиш учун бир неча дақиқа етарли, уни яхши билиш учун эса йиллар керак. Айрим доноларнинг фикрича, аёлни тўлиқ билиш учун эса у билан ажралиш керак экан. Албатта биз бу фикрни ҳазил маъносида қабул қиламиз. Лекин, айрим эр-хотинлар ажралишиб кетишганларидан сўнг, айниқса бошқа оила қурганларидан кейин бир-бирларининг қадрларига ета бошлайдилар. Яхши эрнинг қадрига етмаган хотинга Аллоҳ янада золимроқ эрни, солиҳа аёлнинг қадрига етмаган эрга эса куйдиргувчи хотинни рўпара қилиб қўяди. Чунки эр ёки хотин шайтон васвасасига кириб Раҳмон йўлини унутганлари учун шундай жазони олишлари тайин.

Аллоҳ буюрадики: “Эй иймон келтирганлар! ...улар (хотинларингиз) билан тотув турмуш кечиринглар. Агар уларни ёмон кўрсаларингиз (билиб қўйингки) балким сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ (сизлар учун) кўпгина яхшилик пайдо қилар” (Нисо сурасидан). Аллоҳ иймон келтирганлар, деб мурожаат этяпти. Демак, иймон келтирдингми, энди иймон шартларидан бири бўлмиш оиланг ҳаққига риоя қил, тотув яша. Бўлар-бўлмасга жанжал чиқарма. Хотинни янгилашга (ёки эрни) ошиқма. Оилани қайта-қайта бузиш иймонсизларга хосдир.

Европаликларда “эрлар аёллар учун биринчи бўлишни, аёллар эса эрлар учун сўнггиси бўлишни орзу қиладилар”, деган гап бор. Бир қараганда ақлли гапга ўхшайди. Аммо бу ўша томон учун ақлли, уларнинг оила ҳақидаги бузуқ тушунчаларига мос келади. Дейилмоқчики: эр уйланмоқчи бўлган қизнинг аввал бошқа эркак билан бўлмаганини орзу қилади. Агар зинога аралашган бўлса, фарқи йўқ, бу ёғига ҳалол юрса бас. Хотин эса “эрим менгача юрган бўлса юргандир, энди юрмасин”, деб орзу қилади. Эътибор беряпсизми, орзу қиляпти! Исломда эса бундай бузуқ ҳолда оила қуриш ман этилади. Оила номусига гард ҳам қўнмаслиги керак.

Ҳозирги кунимизда ғарб мамлакатларида оилага муносабат ёмон томонга ўзгариб кетган. Ҳолбуки, аввалги замонларда уларда ҳам оила муқаддас деб ҳисобланган. Оилага “эркинлик” мартабасини берилиши жамиятни ҳам бора-бора издан чиқаради. Чунки “эркинлик” тушунчаси “нима истасанг қилавер”, дегани эмас. Аллоҳ “Мендан уялмасанг, нима истасанг қилавер”, деб бекорга огоҳлантирмаган. Аллоҳдан уялмадими, демак, ота-онасидан ҳам, қариндошлари, атрофидаги бошқа одамлардан ҳам уялмайди, кенгроқ маънода олсак, жамиятдан уялмайди. Уялмадими, жамият олдидаги бурчини унутади. Жамият қонунларидан юз ўгирган оилалар кўпайса бу жамиятнинг ҳолига вой эмасми!

Ғарбда бугунги кунда оила бобидаги бир қанча бузилишлар мавжуд:

  • одамни ҳайвондан ажратиб турувчи нарса онгли равишда покиза оила қуриш. Оила деганда биз эр ва аёлнинг қўшилувини англаймиз. Лекин эркак билан эркакнинг, аёл билан аёлнинг қўшилувини “оила” деб аташ одамзотни ҳайвонот олами билан теппа-тенг қилиб қўймайдими? Бу фикрни иккинчи бор қайта таъкид этишимиз бежиз эмас. Бу ҳолатни ҳайвонот оламига ўхшатяпмизу, аммо урғочи билан урғочининг, нар билан нарнинг қўшилуви ҳайвонларда ҳам йўқ. Эркакнинг эркакка интилиши кўп юз йиллардан бери мавжуд, бироқ, жамият бундайлардан нафратланиб келган, кўпайишига йўл қўймаган. Лут алайҳиссалом қавмларига юборилган офатни эсласак кифоя қилар? Эндиликда эса бундай “оила” қуришга турли мамлакатларда қонун йўли билан рухсат беришга интилиш бор.

  • оила қурмай якка-ёлғиз яшашга интилиш кучли. Маълумотларга кўра, жаҳон бўйича америкаликлар бу соҳада ҳам пешқадам эканлар. Эркакнинг ёки аёлнинг оила қуришдан бўйин товлаб ёлғиз яшаши ҳам оқибатда жамиятни жар ёқасига келтириб қўяди. Илгарилари собиқ иттифоқнинг европа қисмида шундай одамлар рағбатлантириларди. “Мать одиночка” деганлари бўларди. Яъни боланинг онаси бору отаси йўқ. Бу хонимча мутлақо оила қурмасдан кимдандир бола орттирганлар. Шу учун унга навбатдан ташқари уй беришгача борганлар. Мана энди

Россияда аҳоли кескин камайиб кетяпти, деб бонг уриб ўтиришибди. Ўтмиш ғарб файласуфларидан Энгельс хотиннинг эрга бўйсуниши фақат иқтисодий қарамликка боғлиқ. Яъни, эр моддий таъминотчи, агар хотин ўзини ўзи таъминлай олса, эрга бўйсунмай қўяди, деган ғояни илгари сурган эди. Бу ғоя орадан юз йил ўтиб, ўша томонларда ўз исботини топяпти. Лекин бу ғояни ҳаётий ҳақиқатга асосланган, деб бўлмайди. Қайсики оилада руҳий-маънавий тушкунлик ҳукмрон бўлса, бу ғоя ҳам яшайди. Танҳо яшовчи одамнинг (у хоҳ эркак, хоҳ аёл бўлсин) ҳаёти қанчалик яхши таъминлаганидан қатъи назар қашшоқликдан иборатдир.

  • биз томонларда оила бузиладиган бўлса, эр талоқ қилади ёки хотинни эр ташлаб кетади. Европада эса акси: эрни хотин ташлаб кетади. Русларда “Брошенний муж” деган ибора бор. Уларда хотини ташлаб кетган эр нима қилиши керак, деган муаммо ҳам мавжуд. Хотин эрни ташлаб кетди, дегани отасининг уйига бориб турибди, дегани эмас. Хотин эрни нима учун ташлайди?

Севмай қолгани учун. Уларда севиб қолиш ҳам осон, севгидан айниш ҳам осон. Хотинга бошқа эркак ёқиб қолса, эрига: “ранжимагин, мен бошқани севиб қолдим”, деб кетаверади. Бу ўринда оила фақат бузуқлик туфайли бузилади.

Биринчи ҳолат ҳам, иккинчи-учинчиси ҳам юқумли хасталикка ўхшайди. Тез тарқалади, давоси эса ғоят мушкул. Оқибат эса миллатнинг йўқ бўлиб кетишигача олиб бориши ҳеч гап эмас. Демоқчимизки, бизда ҳам бу касаллик нишоналари кўриниб қоляпти. Зийракликни бой берсак, кечикиб қолишимиз мумкин. Қишлоқларда сезилмайди, аммо шаҳарларда эрдан ажралганидан кейин “агар эр шунақа бўлса, эрнинг бети қурсин, жонимни қийнамай, эрсиз ўтаман бу дунёдан”, деб бошқа турмуш қурмай яшовчи аёллар сони камаяётгани йўқ. Биз бу аёлларни бузуқликда айблашдан йироқмиз. Лекин оила билан яшасалар ўзлари учун ҳам, жамият учун дурустроқ бўлади. Яширишнинг ҳожати йўқ, агар ким “фалончининг қизи эрдан ажраб кўп қаватли уйда ёлғиз яшаркан”, деб эшитса, хаёлига дарров шум фикр келади. Қўшни аёллар ҳам ёлғиз яшовчи бу хотинни тинмай кузатишади. Агар бирон бегона эркакнинг меҳмон бўлганини билишса, тамом “достонлар” битилаверади.

Турмуш қурмай ёлғиз яшаш ғарбликлар учун янгилик эмас. Насроний дини тобеълари орасида таркидунёчилик одати бор. Насронийлар бунинг учун махсус дайр (роҳиблар яшайдиган монастир)лар қурадилар. Роҳибларга уйланиш, роҳибаларга турмушга чиқиш ман этилади. Улар “Уйланиш ва фарзанд орттириш кишини Ҳақ хизматидан ва Худога яқин бўлишдан четлаштиради”, деган ақидага асосан турмуш қурмасликни комилликдан деб биладилар. Оила қуриш, унинг ташвишлари муқобилида эркин яшаш роҳати туради. Агар одамзот ихтиёри ўзида бўлганида шу роҳатдан бошқасини истамаган бўларди. Аммо Яратган Аллоҳ ҳам эр, ҳам аёл мижозига шаҳватни қўшиб берканки, ана шу шаҳват тақозосига кўра бирга бўлишни истаб, оила қурадилар. Шу сабабли башарият насли Аллоҳнинг иродасига кўра охиратгача сақланиб қолади. Шаҳват тақозоси деганимиз бир сабаб. Аслида оила қуришни, насл қолдиришни Аллоҳ ирода этган, бандаларга фарз қилган. Бақара сурасида бу хусусда шундай маъноларни ўқиймиз: “Хотинларингиз сизларнинг экинзор ерларингиз бўлади. (бу сўзлар билан Қуръон эр-хотиннинг яқинлашувидан биринчи муддао - фарзанд талаб қилиш эканига ишора қилмоқда) Зироат ерлари уруғ сепганда самара беради. Хотин ҳам экинзордир ва ҳосили - фарзанд. Бас, ўз хотинларингиз билан фарзанд ниятида алоқа қилинг ва келажакда ўзларингиз учун фарзанд тарбияланг. Аллоҳдан қўрқинг, Унинг қаҳрига илинмангиз. Бас, туғилиш ва висол учун берган қувватни бекор қолдирманг ва зое қилманг. Эй Муҳаммад, саодат муждасини (жаннат хушхабарини) иймонлиларга бергин”. Демак, уйланиш ва оила қуриш иймон талабларидан бири экан. Буни дунёвий мисол билан шарҳласак: бир одам ижарага ер олди, деҳқончилик қиламан, дегани учун унга банк маблағ ҳам берди. Аммо бу одам ваъдасига хиёнат қилди. Ерга қарамади, маблағни бошқа нарсага сарф қилди. Мамлакат қонунига кўра у жиноий жавобгарликка тортиладими, қамаладими? Демак, эрлик қувватига эга одам бу қувватни ишлатишда Лут қавмига ўхшаса ёки бошқа бузуқликлар қилса Аллоҳ белгилаган қонунга хиёнат қилган бўлади ва шунга яраша жазосини олади. Анас (р.а.) ривоят қилган бир ҳадис бор. Набий (с.а.в.) дедиларким: “Худо ҳаққи, мен сизлардан ҳам кўпроқ парҳезкор ва Аллоҳдан қўрқадиган одамман, лекин рўза тутаман, ифтор қиламан, намоз ўқийман, ухлайман ва уйланаман. Ким бу суннатдан юз ўгирса, у менинг умматим эмас”. Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в.) “Сизларнинг энг ёмонларингиз хотин олмаган кишидир”, деб марҳамат қиладилар. Уйланишни истамаганлар илоҳий қонунларга қарши иш тутганлари сабабли Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай қаттиқ ҳукм чиқарганлар. Саид Абу Ҳилол (р.а.) ривоят қилишларича, Набий (с.а.в.) “Уйланинглар ва ўз нуфузларингизни зиёда қилингларким, қиёмат куни мен сизларнинг кўплигингиз билан фахр қиламан”, деганлар. Бу бежиз эмас. Чунки миллатларнинг куч ва шавкату эътибори уларнинг нуфузига ҳам боғлиқ. Европаликлар буни яхши англаганлари учун ҳам доимий равишда аҳолиси ўсишини кузатиб борадилар. Ўсиш етарли бўлмаса олимлари: “Ҳой ватандошлар!

Кўзингизни очинг, миллатимизнинг шарафу эътибори сусаймоқда. Бу кетишда миллатимиз нест-нобуд бўлади. Шарафимизни, ватан ва миллатимизни ҳимоя қилиш учун арзанда фарзандларни кўпайтиринглар!” деб жар соладилар. Тарихда Пол Демар исмли француз социологи ва иқтисодчиси яшаган. У миллатининг ўн тўққизинчи асрдаги яъни юз йиллик давридаги сонини тадқиқ қилган экан. Унинг ҳисобича, аҳолининг ўсиши бўйича французлар инглиз ёки олмонлардан ортда қолишибди. 1810 йилда Франция аҳолиси 28 милён, Англияники 10, Олмон аҳолисининг сони 18 милён экан. Йигирманчи аср бошига келиб Олмон аҳолиси 59, Англия аҳолиси 62 милёнга етибди. Франция аҳолиси эса 39 милёнга етибди. Бу дегани 80-90 йил мобайнида инглизлар 52, олмонлар 41 милён ошганлари ҳолда французлар 11 милёнга ошибди. Олимни бу ҳисоб қониқтирмай миллат қайғусида шундай ёзган экан: “Агар аҳвол шундай давом этаверса, биз нафақат ватан муҳофазасидан, балки ҳаёт орзусидан ҳам маҳрум бўламиз. Бугун биз - французларнинг мамлакати ва миллати жар лабига келиб қолган. Бу чуқурга тушиб кетишимизга оз қолибди. Лекин ҳали ҳам кеч эмас, миллат ва ватанни бу ҳалокатдан қутқариш учун ҳимматимиз ва саъй-ҳаракатимиз керак”. Европа олимлари миллатларининг камайишидан шу даражада қўрқадилар. Энди Пол Демарнинг тадқиқотини давом эттирсак, бу ҳолатга дуч келамиз: ўтган асрнинг етмишинчи йилларига келиб Англиядаги аҳоли сони 45,3 милён, Германияда 76,5 милён Францияда эса 53 милённи ташкил этган. Бу рақамларни солиштиришдан аввал орада икки марта Жаҳон уруши бўлиб ўтганини, миллионлаб одамлар ўлдирилганини ҳисобга олишимиз керак. Демак, кейинги 60-70 йил ичида Англия аҳолиси камайибди, олмонлар ва французлар эса кўпайибди. Лекин шунга қарамай уларнинг олимлари ҳануз ташвиш билан бонг урадилар. Чунки кўпайиш айни шу миллат вакиллари ҳисобига бўлмаяпти. Иккинчи жаҳон урушидан кейин бу мамлакатларга бошқа қитъалардан одамларнинг кўчиб келиши кўпайди. Гарчи миллионлаб осиёликлар, африкаликлар ҳам шу мамлакат фуқароси ҳисоблансалар-да, айни шу миллат шаънини белгиламайдилар. Фикримизнинг исботи учун шу мамлакатлар футбол терма командаларига назар ташлайлик: асл инглизларга нисбатан келгинди халқлар вакилини кўпроқ учратамиз. Илгари бу мамлакатларнинг мустамлакачилари осиёлик ва африкаликларни зўрлаб, қул қилиб ҳайдаб келган бўлсалар, эндиликда бу қитъалардан ёпирилиб келаётганлар йўлини тўсолмай гаранглар. Таъбир жоиз бўлса, қадим қулларнинг авлодлари бугунга келиб қулдорлар юртини забт этяптилар.

Мазкур рисола оққа кўчирилаётган пайтда Германияда чиқадиган “Вельт” газетаси ўтказган бир тадқиқот билан танишиб қолдим. Бу тадқиқотда 35 ёшгача бўлган немис аёллари иштирок этганлар. Мухбирлар уларга биттагина савол билан мурожаат этишган: немис аёллари нима учун фарзанд кўришни мумкин қадар орқага чўзишади (пайсалга солишади)? Бу савол бекорга кун тартибига қўйилмаган. Кузатувларга қараганда, немис аёллари кейинги йилларда биринчи фарзандларини 29 ёшга етганларида кўришар экан. Ваҳоланки, ўн беш йил муқаддам бу кўрсатгич анча паст бўлган. Сўровга жавоб берганларнинг 44 фоизи эр ва аёлларнинг бир-бирига бўлган ишончсизлигини ва ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги бандлигини асосий сабаб сифатида кўрсатишган. Германия ҳукумати фарзанд кўраётган оналарнинг ижтимоий ҳимоясини йилдан йилга кучайтириб боришига қарамай, аҳволнинг бу даражага тушиб қолиши жамиятни ташвишга соляпти. Чунки Германия демографик кўпайиш жиҳатидан дунёдаги охирги ўринлардан бирига тушиб қолибди. “Наҳотки пул топишга бўлган қизиқиш оилавий бахтдан юқори турса?” “Берлинер цайтунг” газетаси жамият ташвишини шу савол орқали кун тартибига қўйибди.

Юқорида Россия аҳолисининг камайиб боришидан мамлакат раҳбариятининг ташвишланаётганини баён қилиб эдик. 1982 йилда Латвияда бўлганимда шу ерлик бир ёзувчи “яқин юз йил ичида менинг миллатимдан ном-нишон қолмайди”, деб афсусланган эди. Чиндан ҳам ўша пайтда латвияликлар сони бир милённи ташкил қиларди. Туғилиш даражаси эса паст эди. Миллатни сақлаб қолиш учун ҳар оила камида уч фарзандни дунёга келтириши керак.

Иккита фарзанд - ўринга ўрин қолди, демак. Битта фарзанд - миллатнинг кескин камайишидан дарак. Фарзандсиз оила - миллатнинг фожиаси. Европа олимлари ўз миллатларининг тақдиридан ташвишланиб, кўпайиш жиҳатдан суръати тез миллатларда туғилишни камайтириш чораларини кўришга ҳаракат қиладилар. Шу ниятда турли халқаро анжуманларга йиғилишиб, турли халқаро битимлар, қарорлар имзолайдилар.

Шулардан бири аёлларнинг ҳомиладор бўлишлари олдини олиш, абортга расмий рухсат берувчи қонунлар қабул қилишга даъват қилиш каби уринишлардир. Бу ҳаракатларга Ислом олами қатъий қаршилик билдирди. Рим папаси ҳам бу уринишларни Худонинг хоҳишига қарши ҳаракат сифатида баҳолади. Зотан хотин ва фарзанд Худованди Каримнинг улуғ неъматларидан саналгани учун бу неъматларга куфр келтирмоқликдан сақланиш шарт. Хулоса чиқадики, фарзандлар балоғат ёшига етганида уларни уйлантириш (турмушга узатиш) ота-она зиммасидаги фарз, бажарилиши шарт бўлган вазифа. Агар ота-она вафот этган бўлса бу фарз яқин қариндошлар зиммасига ўтади. Агар улар ҳам бўлмаса бу вазифани маҳалла, қўни-қўшнилар, дўстлар бажарадилар. Ҳозир айрим ота-оналар баҳона топадиган бўлиб қолганлар. “Аввал ўқишини битириб олсин”, “Бир-икки йил ишласин”... Ўқишни битириш, ишлаш орқага сурилса зарари йўқ. Лекин уйланиш - табиий зарурат, уни орқага суриш оила учун уятли ҳолатларга олиб келиши мумкин. Тўйсиз, никоҳсиз, ота-она розилигисиз уйланиб олаётганлар бошқаларга ибрат бўлмайдими? Бир биродаримиз қизига келаётган совчиларни сабабсиз қайтараверар экан.

Айтишича, қизига ҳали мебел олмабди. Шу қизи севган йигити билан мебелсиз, энг муҳими ота-она розилигисиз никоҳдан ўтиб олса кимни айблаш керак бўлади?

Оиланинг барпо этилиши гўзал ҳодиса: тўю тамошалар билан нишонланади, бу кунларга йиллар тайёргарлик кўрилади. Барбод этилиши эса хунук манзара, бунга ҳам узоқ ойлар ёки йиллар тайёргарлик кўрилади. Фақат одамнинг ўзи буни сезмайди. Ҳеч ким озгина бирга яшаб кейин ажралишиб кетайин, деган мақсадда оила қурмайди. Лекин...

Лекин нима учун оила бузилади? Бунга аниқ бир жавоб бериш қийин. Ҳар бир ҳолатда ўзига яраша сабаб ёки баҳона бўлади. Лекин алоҳида бир сабабларни умумий тарзда бирлаштириб турувчи сабаблар ҳам мавжудким, шулар ҳақида фикрлашсак:

Сир эмас, оилаларнинг бузилиши ҳоллари бизда ҳам кўпайиб боряпти. Буни айримлар иқтисодий қийинчиликлар билан боғлашяпти. Лекин мен бу фикрга қўшилмайман. Бу фикр бизни оилага хос бўлган асосий масалалардан чалғитиши мумкин. Яқин тарихимизда машаққати жиҳатидан ғоят тенгсиз ҳисобланувчи қаҳатчилик, очарчилик, қимматчилик, уруш йиллари бўлган. Бу балою офатлар машаққатларини ўз бошларидан кечирган отахонлар-онахонлар айтишсин: ўша оғир йилларда оиланинг бузилиши бугунгидай кўп бўлмаган-ку? Мен буни ўз оиламиз мисолида ҳам айтишим мумкин. Дадам раҳматли Марғилондан, аям раҳматли Андижондан Тошкентга ўқишга келишиб, шу ерда турмуш қурган эканлар. Беш фарзанд кўриб, барчаларини ўқитганлар. Камина бешинчи фарзандман. Қарийб йигирма беш йил мобайнида бизнинг ўз уйимиз бўлмаган. Ижара уйларда яшаб келганмиз. Оиланинг ягона бисоти эски сандиқ уйдан уйга кўчавериш натижасида шалағи чиқиб кетаёзган эди. Гилам деган матоҳни орзу ҳам қилмаганмиз. Мен ўша ўтмишни эсласам, “ҳаммамиз ижара уйларда туғилганмиз”, деб ҳазиллашиб қўяман. Ҳолбуки, бу ҳазил эмас, ҳақиқат эди. Ҳукумат томонидан ҳовли берилиб, бир уй, бир даҳлиз қуриб кўчиб келганимиздан кейин ҳам машаққатлар давом этган эди. Куз, қиш, баҳор чакка ўтган уйларда дийдираб яшардик. Мен бу ўринда шунчаки хотираларни баён қилаётганим йўқ. Бизга ўхшаб азобланиб яшаган оилалар жуда кўп эди. Лекин “қийинчилик важҳидан оиласи бузилибди”, деган гапларни кам эшитардик. Ота-оналаримиз қурган оилани нима ушлаб турарди? Сабр-бардошми? Бир қишлоқда айтиб беришган эди: қийинчилик йиллари қишлоқ раисининг уйида битта атлас кўйлак билан битта тоза тўн сақланаркан. Турмуш қураётган келин ва куёв шу сарпони бир кунга олиб туришар экан. Шундай ҳолатда оила қурганларнинг набиралари энди никоҳга “мерседес”, “лимузин”ларда боришни талаб қилишяпти.

Майли, боришса боришсин. Биз фарзандларимизга қийинчилик тиламаймиз. Бизнинг уйимизда гилам бўлмаса, уларнинг уйлари қўша-қўша гиламлар билан тўлсин. Лекин бу моддий таъминот нима учун фарзандларимизнинг бахтли турмуш кечиришларини таъмин эта олмаяпти? Биз шу ҳақда кўпроқ ўйлашимиз шартга ўхшаб қолди. “Кимга яхши куёв учраган бўлса, у одам ўғиллик бўлибди. Кимга ярамас куёв йўлиққан бўлса, у одам қизини йўқотибди”, дейдилар. Худди шуни “Кимнинг уйига яхши келин келса, қизлик бўлибди, ёмон келин келса ўғлидан ажрабди”, деб изоҳласак ҳам бўлади. Келин ва куёв танлаш ҳуқуқи биз - ота-оналарда бўлатуриб, нега шошиламиз, нега ўйламай қадам босамиз? Ёшларни-ку, ҳаётни билмайди, ғўр, деймиз. Ўзимиз-чи? Ўзимиз ҳам ҳаётни билмаймизми?

Бизда шу кунларда икки ҳил никоҳ мавжуд. Бири давлат томонидан расмийлаштирилади. Никоҳнинг муқаддаслигини ўзи ҳам ҳис эта олмаган, ҳали ҳаёт тажрибасига эга бўлмаган гўзал хонимлар икки-уч дақиқанинг ичида ишларини бажарадилар. Диний никоҳимиз ҳам ундан қолишмайди. Домланинг қисқагина савол-жавоби билан хутбаси тахминан шунча вақт олади. Дуо қилади-ю, ўзига аталган тугунни қўлтиқлаб жўнаб қолади. Никоҳ ўқиётган домламиз муқаддас ва муаззам сарой пойдеворини қўйишга восита бўлаётганларини ўзлари ҳам ҳис этмайдилар. Никоҳланган айрим ёшлар иймон калимасини ҳам билмайдилар. Исломдаги никоҳ ва оиланинг муқаддаслиги нималардан иборат эканини тасаввур ҳам қила олмайдилар. Кўпларининг фикрича никоҳ жинсий алоқага рухсатдан иборатдир. Жинсий алоқанинг ижозат этилган ва ман қилинган жиҳатлари мавжудлигини билмайдилар, тарбия берувчи оталари ҳам бундан бехабар бўлсалар эҳтимол. Хабардор бўлган тақдирларида ҳам ўғил билан бу мавзуда суҳбат қуриш одати бизларда йўқким, бу афсусли ҳолдир. Ислом илмидан оз бўлса-да хабари бор домла никоҳ чоғида Қуръон оятлари асосида бу хусусда маълумот бериб қўйиши шарт деб ўйлаймиз. Чунки ғарбнинг беҳаё фильмларини кўраётган ёшларнинг айримлари жуфти ҳалолларидан ўша кинода кўрганларига ўхшаш алоқани талаб қиладилар. Бундай алоқани ўзи учун шармандалик деб билган келинларнинг уйларига қайтиб кетиб қолиш ҳолатлари ҳам учраб турибди. Кетиб қолмаган тақдирларида ҳам, куёв боланинг ташқаридан нафсини қондиришга уриниши бошланиб қоляпти. Бизнинг ёш оилаларимизга ғарб шундай балолар даф қиляптики, биз катталар ғофил бўлмайлик. Бу ўринда, отанинг ўғлига насиҳати муҳим. Шу боис, азизлар, бу мавзуда сўз очиш уят ёки одобдан эмас, деган истиҳолага борманг. Тўғри, сиз дафъатан “сен шундай беҳаёлик қилаётган эмишсан”, дея олмайсиз. Бунга асосингиз йўқ. Келинингиз ҳеч қачон сизга шикоят қилмайди. Агар шундай ҳолатлар юз бераётган бўлса у онасига айтиши ва қудалар орқали маълум бўлиши мумкин. Лекин бундай ҳодиса юз беришини кутиб ўтириш шарт эмас. Ўғлингиз бундай

беҳаёликдан узоқ бўлса ҳам, умумий тарзда “баъзилар кинода кўрганларини хотинидан талаб қилар экан, бу гуноҳ ҳисобланади” қабилида, эслатма тарзида айтиб қўйилса зарар қилмайди.

Никоҳ ўқиётган домламиз ёшларга талоқнинг маъносини ҳам англатиб қўйишлари керак. Кўпчилик талоқнинг маъносини билмай яшайди ва кунларнинг бирида ғазабланиб “уч талоқсан!” деб юборади. Шу бир оғиз ҳукм билан оила бузилади. Кейин ярашмоқчи бўлиб боришса, домламиз “уч талоқ” қайта никоҳланмайди, деб қаттиқ туриб оладилар. Бу масалада озгина мулоҳазамиз бор: бу оила шаръий ҳукмлар асосида яшамади, шариат нималигини билмайди, шунинг баробарида эр ҳам хотин ҳам талоқ тушунчасидан бехабар. Эрнинг билгани: “уч талоқсан, уйингга жўна!” Хотин ҳам битта бўғчасини тугиб, боласини етаклаб йиғи-сиғи билан отасиникига қайтаверади. Уларда “идда”, “маҳр” деган тушунча ҳам йўқ.

Агар оила бузилса, биринчи галда хотинни айблашга кўникиб қолганмиз. Қайсидир биродаримизнинг ажралишганини эшитсак, “хотини ёмондирда” деб қўямиз. Камдан-кам ҳолларда “ўзи ёмонда” деймиз. Оила бузила бошлаётганини эшитсак “эр-хотиннинг орасига аҳмоқ одам тушади”, деб ўзимизни олиб қочамиз. Бу таънани ноўрин деб биласизми? Унда эслаб кўрайлик-чи, қайси оилани ўнглаб қўйишга ҳаракат қилдик? “Баттар бўлмайдими!” деб баъзан шу тўхтамга ҳам келамиз. Ахлоққа доир кўп китоблар кўришга тўғри келди.

Оиланинг бузилиши масаласи кўрилганда уларда ҳам асосий айб хотинлар зиммасига юкланади. Наҳотки эркаклар фаришта каби беайб бўлсалар? Кунда маст-аласт юрса ҳам эр “яхши”. Хотинини дўппосласа ҳам эр “яхши” -хотин яхши бўлса калтак ермиди! Хотини топиб келганини совурса ҳам эр “яхши”. Яхши... яхши... минг марта яхши! Ҳатто оиласига хиёнат қилиб зино устида қўлга тушса ҳам эр “яхши”. “Ҳа, энди йигитчиликда шунақа шўхлик бўлиб туради-да!” деб қўя қоламиз. Ҳеч маҳал “Аллоҳ зинони ҳаром қилган эди, бу гуноҳи учун тошбўрон қилиниши керак” демаймиз.

Исломда эркакнинг зиммасига моддий таъминот ва жисмоний ҳимоядан ташқари хотинига адолатли бўлиш, унинг ҳаққига риоя қилиш масъулияти юкланган. Хотин кечки овқатни пишириб қўйиб, эрнинг келишини кутади, эр иши кўплиги баҳона, бузуқликда юрмаса ҳам, ошналари билан чойхонада паловхонтўра билан тиллашадилар. Нима деймиз, бу адолатданми? Эр оилада ҳукмрон эканлигини яхши англайди, ҳукмрон мартабасида туриб хотинига фақат қўпол муомала қилади. Хотиннинг ширин сўз эшитишга ҳаққи йўқми? Нима бўлганда ҳам “Қарс икки қўлдан чиқади” деган гап бор. Агар оила бузилиш жари ёқасига келиб қолса, айбни ҳар икки томондан излаш керак. Шунда оилани сақлаб қолиш имкони кенгаяди. Агар айб бир томонга ағдарилаверса, тарозининг бир палласи дош беролмай қолиши мумкин.

Аллоҳ таборак ва таоло марҳамат қилади: “Агар бирон аёл эри томонидан кўнгилсизлик ёки юз ўгириб кетиш содир бўлишидан қўрқса, у ҳолда иккови ўзаро бир сулҳга келишиб олишса (яъни аёл эрининг ҳоли ва хоҳишига қараб ўзи учун эрга малол келадиган даражада нафақа талаб қилмаса, шу билан баробар эр ҳам хотинни ташламасликка, унга зулм қилмасликка рози бўлса) зарарсиздир. Сулҳ (ажралиб кетишдан) яхшироқдир. Нафслар қизғанишга ҳозиру нозир бўлиб турадилар. Агар (аёлларингизга) чиройли муомала қилсангизлар ва Аллоҳдан қўрқсангизлар (ўзингизга яхшидир). Зеро, Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардор бўлган Зотдир”. Оятни дурустроқ фаҳм этмоғимиз учун уламонинг тафсирларига мурожаат қилишга тўғри келади:

Маълумки, турли сабабларга кўра эрда хотинига нисбатан нафрат пайдо бўлиши мумкин. Натижада эр хотинидан ажралмоқчи ёки ундан юз ўгириб, талоқ ҳам қилмай, муомала ҳам қилмай ташлаб қўймоқчи. Хотин эридан ажрашни хоҳламаса, ярашишга уринади. Эрнинг нафратига ёки юз ўгиришига сабаб бўлган ишларни бартараф этиш билан уни рози қилиб, ажралмай қолишга тиришади.

Мисол учун, ҳатто ўз қонуний ҳаққи бўлмиш маҳрнинг ҳаммасидан ёки бир қисмидан воз кечиб юбориши мумкин. Нафақа бермасанг ҳам майли, ёки озроқ нафақа берсанг ҳам талоқ қилмасанг бўлди, дейиши мумкин. Шунга ўхшаш ҳолатга қараб турли таклиф ва муросалар билан сулҳ тузиб ажралмай қолишда гуноҳ йўқ экан. Шунинг учун ҳам оятнинг давомида: “Сулҳ яхшидир”, дейилмоқда. (Бу тафсир шариат ҳукми бўйича яшайдиган оилаларга хос. Бугунги кунда маҳр нима, нафақа нималигини билмай яшаётганлар нима қилишлари керак? Орага совуқчилик тушишига сабаб бўлган ҳолатни аниқлаб, муолажа қилишдан бошқа чоралари йўқ. Бунақа пайтда кўпроқ аёл кишининг ён босиши лозим бўлади.)

Исломда турли усулларни қўллаб оилани сақлаб қолишга ҳаракат қилинади. Ушбу чоралар ҳам мазкур рағбатдан келиб чиққан. Оятнинг давомида нафсларнинг қизғанишга ҳозиру нозир эканликлари таъкид этилмоқда. Яъни инсон табиатида қизғанишга мойиллик мавжуд. Одам молу мулкни, чиройли нарсаларни ёки мансабни қизғанади. Ана шу табиий ҳол эътиборга олинса, хотин томондан таклиф қилинган молу мулк ёки айрим қулайликлар эрдаги қизғаниш табиатини қўзғаб, ажралмай қолишга ундаши мумкин. Лекин инсоний алоқалар фақат молу мулк ёки баъзи бир манфаатлар асосидагина қурилмайди. Балки яхшилик, савоб ишлар қилиш каби ҳолатлар ҳам кўп. Жумладан, хотинидан нафратланиб, уни талоқ қилмоқчи бўлган ёки юз ўгириб тек ташлаб қўймоқчи бўлган эркак шу хотиннинг ажралиш истаги йўқлигини билгач, унга яхшилик қилиб, тақво юзасидан ўзи билан олиб қолса, яхши бўлади. Аллоҳ унга ажр ва савоб беради.

Ҳар нарсанинг меъёри бўлганидек, эрни мол-мулк билан ушлаб туришнинг ҳам чегараси бор. Агар хотин бадавлат оиладан бўлса-ю, ҳар жанжалда куёв боланинг кўнглини овлаш учун бирон нима совға қилиб турилса: бир сафар уй, кейин автомашина... Айрим беморлар бир хил дорини ичаверишса, аввалига шифо берган шу дори оқибат таъсир этмай қўяди. Мол-мулк билан кўнгил овлаш ҳам шундай бўлади. Ёки куёв бола қимматбаҳо совғаларга ўрганиб, канага ўхшаб қолиши мумкин.

Ҳазрати шайх Ҳотами Асомнинг хотинлари ҳам солиҳа ва каромати зоҳир аёл эдилар. Бир куни Ҳотам ҳазратлари ғазотга кетмоқчи бўлиб, аёлларига:
-Мен тўрт ойлик сафарга кетгайман, шу тўрт ойлик муддатга қанча нафақа истайсан? - деб сўрадилар.
-Тирик қолишимга етгулик нафақа қолдиринг, - дедилар аёллари.
-Тириклигинг ва ўлиминг менинг қўлимда эмас, Ҳақ таолонинг измидадир.
-Ундай бўлса, менинг ризқим ҳам сизнинг қўлингизда эмас, жаноби Ҳақнинг измидадир.

Ҳотам ҳазратлари бу жавобни хуш кўрдилар ва аҳли аёлларини дуо қилдилар. Қўшни хотинлар келиб “Эрингиздан нечун нафақа сўрамадингиз?” деб ажабландилар. Жавобан дедиларким: “Ул ҳам мен каби ризқ егувчидир, бергувчи эмасдир”.

Эр-хотинлик ўртасида Аллоҳ ҳузуридаги тенглик шундай бўлади. Буни англаган оилага бузилиш хавф солмайди. Эр ўз масъулиятига, хотин ўз масъулиятига тенг жавобгарлигини ҳис этиш керак. Тенг ҳуқуқлилик шундан иборат. Эр билан теппа-тенг гап талашиш, теппа-тенг олишиш - тенгҳуқуқлилик эмас, нодонлик. Енгил вазндаги боксчи ҳеч маҳал оғир вазндаги боксчи билан олишмайди. Оилада ҳам мана шу қоидага амал қилинса яхши.

Никоҳ эр ва хотиннинг ҳаётда шерик бўлишлари хусусидаги аҳд-паймондир. Аҳд-паймон ва шериклик турли соҳа вакилларида ҳам учрайди. Айтайлик, ҳунармандчиликда, тижоратда, зироатда... Агар шериклар аҳдларига вафо қилсалар хайрли неъматларга эга бўладилар. Орага хиёнат, ғараз ёки тамаъ аралашса ишларидан барака кетади. Ҳар икки томон ҳам зарар кўради. Никоҳ билан боғланган оила ҳам шунга ўхшашдир. Эр ҳам, хотин ҳам аҳдига вафо қилса оилада барака бўлади ва бундай оилани биз “фариштали хонадон” деб сифатлаймиз. Уруш-жанжалдан бўшамаган оилани эса “шайтон васвасасидаги хонадон”, деб таърифлаймиз. Агар оиладаги нафрат ўти меҳр ва муҳаббат гулини сўндирадиган даражага етса никоҳ - дастлабки аҳд-паймон бекор қилинади ва бу битим шариат тилида “талоқ” деб аталади. Талоқ хусусида қисман сўзлаган эдик, яна мавзуга қайтишга ҳожат сезилди. Тўғри, оиладаги жанжал тоқат қилиб бўлмас даражага етгандан сўнг орада талоқ бўлмаса эрнинг ҳам хотиннинг ҳам бутун умри ғам ва қайғуга сарф бўлиб қолади. Ислом динимизда талоқ эр ва хотинни шундай балодан асраш учун қўлланилади. Баъзан шундай бўлади: хотиннинг нияти яхши. Нодонлиги ёки тажрибасизлиги, қайсарлиги ёки уқувсизлиги туфайли уй ишларидами ё бола тарбиясидами ёки эрига муносабатидами хато-камчиликларга йўл қўяди. Бундай аёлларни кечириш, уларга марҳамат кўрсатиш керак бўлади. Лекин хотин эрига адоват ва хусуматини доимий равишда кучайтириб бораверса-чи? Бу ҳолатда ҳам дарров талоқ берилмайди. Бу хусусда Аллоҳ буюрадики: “...аввало уларга панд-насиҳат қилинглар, сўнг (яъни насиҳат кор қилмаса) уларни ётоқларда тарк қилингиз (улар билан бир жойда ётманг, яқинлашманг) сўнгра (шунда ҳам сизга бўйсунмасалар) уринглар! Аммо сизга итоат этсалар уларга қарши бошқа йўл ахтарманглар. Албатта Аллоҳ энг Юксак ва Буюк Зотдир” (Нисо сурасидан). Энди мазкур оят мағзини тушунишга уриниб кўрайлик: демак, хотин томонидан оиланинг ё эр-хотиннинг тинч-тотувлигига раҳна соладиган бирон ҳолат содир бўлса, эрнинг вазифаси биринчи галда насиҳат қилиб, тўғри йўлга даъват этиши лозим экан. Аёлларнинг кўнгиллари табиатан юмшоқ ва эҳтиросли бўлади. Кўпинча маъқул сўзлар ва дўстона ўгитлардан аёллар таъсирланиб, ёмон ишлардан ва амалларидан қайтадилар. Лекин насиҳатлар фойда бермаса-чи? Унда жазо сифатида ўрнини бошқа қилиб, унга икки-уч кеча яқинлашмайди ва шу ҳаракати билан қаттиқ норозилигини билдиради.

Ақли бор хотин бу ҳолатни қатъий огоҳлантириш ўрнида қабул қилади. Чунки икки-уч кун ўрнини бўлак қилган эр, оқибатда бутунлай ажрашиб кетиши ҳам мумкин. Демак, бу оддий араз эмас, ажралиш эҳтимолидан огоҳлантириш. Энди дили қотиб қолган аёлга бу восита ҳам таъсир этмади. У вақтда хотинни қаттиқ озор бермаслик шарти билан уриш жоиздир. Ҳар ким англаши зарурки, хотин роҳатланиш учун урилмайди, балки уни тўғри йўлга солиш мақсадидагина қўл кўтаришга ижозат берилади. Лекин табиийки, эрга итоат этишни ўзи учун бурч деб билган аёл ва ўзидан Қудратли Зот -Аллоҳ кўриб турганига иймони комил бўлган эр бу охирги чорага етиб келмайдилар. “Уриб, дабдала қиламан”, деган фикрдан эр нари бўлиши керак. Унга ҳеч ким хотинини дабдала қилишга ижозат бермаган. (Хотинни уриш фақат бизда эмас, тараққий этган мамлакатларда ҳам бор экан. Яқинда Европанинг бир неча мамлакатида хотинини урганлиги учун жиноий жавобгарликка тортиш ҳақида қонунлар қабул қилинди.) Пайғамбаримиздан (с.а.в.) ҳадисдирки: “Агарда хотинларингиз шаръий ва савоб ишларда сизларга бўйсунмасалар, уларни мажруҳ қилмасдан ва кўкартирмасдан, қаттиқ озор бермасдан уринглар”.

Хотин бу чоралардан кейин бемаъни ҳаракатидан тийилса, эр бошқа баҳона қидирмасдан ҳаддидан ошмаслиги керак бўлади. Эркак бўлганидан мағрурланиб, асоссиз гумонларга бориб, аёлига зулм ва жафо қилиши ман этилади. Асоссиз жафо қилар экан, жабр чеккан аёлнинг ўчини Аллоҳ олади. Баъзи биродарларимиз хотинларини тез-тез урадилар ва бу ҳаракатларини оят ҳукми билан изоҳлайдилар. Ўтмишда ҳам шундай ҳолатлар учраб турган экан. Устоз Абдурауф Фитрат бу ҳақда 1914 йилда шундай ёзган эканлар:

“Нисо сурасидаги ўттиз тўртинчи ва ўттиз бешинчи оятлар таржимаси ва изоҳи билан машғул бўлиб ўтирганимда бир дўстим мулоқот учун келди. Мен шу мавзуда мулоқот қилмоқни орзиқиб кутар эдим. Шу масалани унинг ҳузурида баён қилиб, оятни ўқиб бердим. У кулиб айтди: “Эй Абдурауф, хотинларни уриш ва ҳақоратлаш биз бухороликларни умумий одатларимиздир. Лекин бугунгача бу ярамас ҳаракатимиз шариатга мувофиқ эканини билмасдик. Шукрким, бугун сен бунинг мумкин эканини тушунтирдинг. Инша Аллоҳ бундан кейин хотинларимизни кўпроқ ва яхшироқ урамиз”. Дедим: “Азизим! Масалани тўғри тушунтира олмадим шекилли!? Ислом дини аёллларни уришни ман қилади, балки эркакларга хотинларингизга марҳамат ва муросаю мадора қилиб, ҳурмат қилинглар деб амр қилган. Юқорида мен бу масалани баён қилган эдим. Лекин сенга баён қилган бу масала алоҳидадир. Фараз қилайликки, бир ёмон хислатли ва бадахлоқ аёл бор. Бечора эр хотинининг унга адовати борлигини билиб, унинг ҳаловатини бузаётганини тушунтиради. Хотин қулоқ солмайди. Икки-уч кун хотинидан узоқлашади. Хотин шунда ҳам хулоса чиқара олмайди. Шунда сиз ҳам биласизки, эрнинг хотинига талоқ беришдан бошқа иложи қолмайди. Бироқ Ислом дини талоқни ман қилмоқчи бўлиб, эрга: “Талоқ беришга шошилмагин”, деб амр қилади. Хотиннинг аъзоларини майиб қилмай ва лат бермай уни озгина ургин, зора ёмон ишдан тавба қилса ва муносабати ўзгарса. Менинг изоҳимдан билдингки, Қуръон ҳукми маслаҳат юзасидан бўлиб, аҳли Ислом оилалари учун, хусусан, мусулмон аёлларига буюк марҳаматдир”. Мен бу шахсий суҳбатни шунинг учун ёздимки, бошқалар ҳам менинг баёнотимни шу дўстимга ўхшаб тушуниб, хотинларини уриш учун баҳона қилиб олмасинлар”.

Тўқсон йил аввал баён этилган бу фикр ҳалигача қадрини йўқотмаган ва Қуръон ҳукмини нотўғри англаб юрган биродарларимизга ҳали ҳам ибратдир.

Эр оилани сақлаб қолишнинг барча чораларини кўрди, аммо фойдаси бўлмади, бирга яшашнинг сира иложи қолмади. У ҳолда, начора, ажралишсин, талоққа рухсат берилади. “Агарда эр-хотин тинчлик ва розилик билан ажрашсалар, Аллоҳ кенг марҳамати ва карами билан уларни бир-биридан беҳожат қилади” (Нисо сурасидан). Аммо заруратсиз, балки нафс ҳавосининг тақозоси билан талоқ берилса, албатта гуноҳ ва ҳаромдир, гуноҳкор жазосини олади. Демак, талоққа ижозат бор. Лекин Ислом динимизда хуш ёқмайдиган мубоҳ (мумкин) амаллардан ҳисобланади. Бу ҳақда Ибн Умардан (р.а.) ривоят қилинган ҳадисда Набий (с.а.в.) марҳамат қиладилар: “Аллоҳ олдида энг ёмон мубоҳ - талоқдир”.

Баъзан оиладаги ёмон шароит, эрнинг зулми ва бошқа қабиҳ одатлари хотиннинг силласини қуритади ва унинг ўзи эридан талоқ талаб қилади. Бу жараён тез бўлмайди. Ҳар қандай аёл аввалига сабр қилади. Эҳтимол йиллар бўйи бардош берар. Охири сабр-бардош тўғони ўпирилиш даражасига келгач, талоқ сўрайди. Лекин унинг талаблари ҳам асосли бўлиши керак. Бирорта миш-миш ёки гумонларга ишониб ёки бошқа эркакка кўнгил қўйгани сабабли ўз эри билан ажрашни қасд қилмаслиги керак. Бу хусусда саҳоба Суҳбон (р.а.) ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом марҳамат қиладилар: “Қайси хотин безарурат ва эҳтиёжсиз эридан талоқ талаб қилса, жаннат ва Аллоҳнинг раҳмати унга тегмайди”.

Айрим сингилларимиз ота-оналарининг хоҳиши билан ўзлари кўнгил қўймаган йигитга турмушга чиқадилар. Оилада кейинроқ бошланадиган келишмовчиликлар заминида хотиннинг айнан шу кўнгилсизлиги ётади. Айрим аёлллар шу кўнгилсизлик сабабли хиёнат кўчасига ҳам кириб қоладилар. Ана шундайларга солиҳа бир аёлнинг гапларини эслатмоқчимиз: ҳакимлардан бири ёш ва гўзал бир аёлни имтиҳон этиш учун бундай дебдилар:
-Сендай гўзал бир аёлнинг шундай хунук эри бўлиши яхши эмас.

Бу гўзалнинг эри чиндан ҳам хунук, бу ҳам камлик қилгандай ҳамиша кир юрадиган, нохуш одам эди. Гўзал хотин уламонинг гапига бу гўзал жавобни берди:
-Эй Ҳаким! Сиз кўп янглиш сўзладингиз! Гапингиз тўғри эмас. Бундай сўзларни сиздай одамдан эшитиб кўп ранжидим. Чунки эримнинг Аллоҳ таоло олдида бир савоби борлигидан бўлса керак, мени ул савобга нисбатан бир мукофот ўлароқ насиб этгандир. Балки мен бирор иш қилган бўлишим мумкин. Ҳақ таоло бу гуноҳимнинг жазоси сифатида мени унга бергандир. Жаноби Ҳақнинг берган тақдирига рози бўлиш керак.

Бу жавобдан мамнун бўлган ул олим гўзал аёлга дебди:
-Болажоним, мен сени диндор ва ақлли бир аёл эканлигингни сезган эдим. Шунинг учун имтиҳон қилиб кўрайин, деган эдим. Қизим, аёлларда жаннатга кириш учун энг буюк нишон -аломат эрларининг ёмон феълларига сабр қилмоқдир. Бу сабр уларни жаннатга олиб боради. Жаннати солиҳа аёлнинг нишони ва аломати эрига итоат этмоғи, эрининг хотирини хуш тутиши, эри йўқлигида хайр-дуо этмоғи ва эрининг мол-мулкини сақлаб, эҳтиёт қилмоғи каби

хусусиятлардан иборатдир. Менинг бу айтганларим солиҳа аёлнинг жаннатга кириши учун бир нишондир.

Ҳар кишининг аёли шундай солиҳа бўлишини Аллоҳ насиб этсин. Эр қадрини билмайдиган жаҳаннами хотинларга Аллоҳ инсоф-тавфиқ берсин!

Эр-хотиннинг ажраши биргина оилага хос масала эмас. Оиланинг бузилишига жамият бефарқ қараб туролмайди. Ҳар томондан оилани сақлаб қолишга уринишлар бўлади. Шу ўринда эр-хотиннинг жанжалидан ўзларини олиб қочувчи биродарларимизга ҳам Аллоҳнинг амрини эслатиб ўтишимиз жоиз: “Агар эр-хотиннинг оралари бузилиб кетишидан қўрқсангизлар, эрнинг уруғ-аймоғидан бир ҳакам, хотиннинг уруғ-аймоғидан бир ҳакам чақирингиз. Агар улар ислоҳ қилишни истасалар, Аллоҳ эр-хотин орасига иттифоқликни солур. Албатта Аллоҳ Билгувчи ва Хабардор Зотдир” (Нисо сурасидан). Бу ояти каримада гап ҳам эр, ҳам хотин томонидан келишмовчилик чиққан пайтида кўриладиган чора ҳақида кетяпти. Шундай ҳолат юзага келдики, энди оиланинг сирини ташқарига чиқармасдан ҳал этишнинг иложи йўқ. Энди бошқаларнинг аралашуви билан оилани сақлаб қолиш чоралари кўрилиши шарт. Эр ўзи рози бўлган қариндош-ларидан, хотин ҳам ўзи рози бўлган қариндошларидан ҳакам тайин этади. Агар оила ҳали ёш бўлса, бу вазифани ота-оналар бажаришади. Муфассирлар бу ўринда “ўзи рози бўлган” деб алоҳида таъкид этишади. Бунга сабаб улар тайин этган ҳакамлар даъволарни эшитиб, шунчаки насиҳат қилиб қўйиш билан чекланишмайди. Улар ҳукм ҳам чиқарадилар ва эр ҳам хотин ҳам уларнинг ҳукмига рози бўлишлари керак. Ҳакамлар танланганида ақллари, турмушнинг пасту баландидан ўтиб келган тажрибалари инобатга олинади. Энг муҳими ҳар икки томоннинг ҳаками Аллоҳдан қўрққан ҳолда адолатли ҳукм чиқаришга ҳаракат қилишлари керак бўлади. Агар ўртада тақво бўлмаса, икки томон ўзи томонга оғиб кетаверса, унда адолат қарор топа олмайди.

Бу ўринда тақво адолатни юзага чиқарувчи муҳим омилдир. Ҳакамларнинг асосий вазифаси эру хотин орасини ислоҳ қилишдир. Шунинг учун ҳам ояти каримада “агар улар ислоҳ қилишни истасалар”, деб уларга ислоҳчилик нисбати бериляпти. Айрим уламо “Ҳакамларга фақат яраштириш - ислоҳ ҳуқуқи берилган”, дейдилар. Яна айримлари “Ислоҳ қилишнинг иложи йўқлигига амин бўлишса, эру хотинни ажратиб қўйсалар ҳам ҳақлари бор, шунингдек, улар тегишли жазо чораларини, молу мулкка оид масалаларни ҳам ҳал қилишади”, дейдилар. Албатта, ҳакамлар ўзларининг инсоний чекланган илмлари ва имкониятлари доирасида ҳукм чиқарадилар. Ҳакамликка номзод мўлжаллаганда булар ҳам эътиборга олинмоғи шарт. Эр ёки хотин томон ҳакамликка қариндошларидан бирларини танлашгач, унга ажралишга сабаб бўлаётган ҳодиса ёки гапни баён қила бошлайдилар. Шубҳасизки, мағзава қарши томонга ағдарилади. Ҳакамларни қийин аҳволга солиб қўядиган ҳолат ҳам айнан шунда. Ҳакам донишманд бўлса, айтилганларнинг мағзини чақиб кўради, мантиқ тарозисига солиб чамалайди. Аравани қуруқ олиб қочадиганлардан бўлса, қарши томонни айблашдан бўшамайди. Баъзан бир-бирига мутлақо зид равишда фикрлайдиган ҳакамлар учрашиб қоладиларки, ярашишга умид қилиб ўтирган эр-хотин оқибатда тамоман тескари бўлиб кетадилар. Шундай воқеалардан бири: ёш оила ярим йил ичида бузилиш жари ёқасига келиб қолди. Куёв бола ажралишга асосий сабаб деб келиннинг кийиниш маданиятини кўрсатади. Яъни келин шим кияркан, эрнинг ҳижобга кириш ҳақидаги талабини рад этаркан. Бир қараганда талаб тўғри. Хотин эр хоҳлагандай кийиниб юриши керак. Чунки хотин биринчи галда эрига чиройли ва ёқимли кўриниш ҳаракатида бўлиши керак. Бизда кўпинча тескари ҳолат кузатилади: аёлларимиз уйда ўзларига қарамайдилар, кўчага чиқадиган бўлсалар пардоз-андозни бошлаб юборадилар. Хуллас, йигит томон унинг талабларини мутлақо ҳақ деб туришибди. Келин томондан тайинланган ҳакам эллик ёшлардаги гапга чечан аёл замонавий тарзда кийинган. Ёшига ярашмаса ҳам шим кийган, бошда рўмол йўқ. У шубҳасизки, ўз дунёқараши асосида келинни ҳимоя қилади. Куёв томонни феодалликда айблайди. “Шу қиз биринчи учрашувга чиққанида ҳам шим кийиб олган эди, ўшанда нима учун индамадингиз?” деб куёвга савол беради. Куёв “кейинроқ тўғри йўлга солиб олишга умид қилганини” айтади. Дуруст, куёвнинг шундай яхши нияти бор экан. Аммо бир одамни ўзгартириш учун ярим йил кифоя қилармикин? Келин ҳижобга кириши учун аввал Исломни ўргана бошлаши керак. Талабларини билиб, унга кўника бориши керак. Сўфий Оллоҳёр айтмоқчи:

Замона хотунуни йўлга солмоқ

Эрур осон ул ишдин жанг қилмоқ...

Дейилмоқчиким, бу замонда хотинларни тўғри йўлга солмоқ бир қалъани жанг қилиб олмоқдан мушкулдир.

Бу шароитдаги икки ҳакам гўё сув билан олов каби эди. Эр-хотин четда қолиб улар ўзаро даҳанаки жангни бошлаб юборишди. Бу жангда ҳеч ким ғолиб келмади, оила барбод бўлди халос. Демоқчимизки, ҳакамликка гапга чечанларни эмас, сермулоҳаза, доно одамларни танлаш керак. Шу хусусда яна бир воқеа: эр хотинини бузуқликда айблаб ажрашмоқчи. Исломда шунчаки бировнинг гапи ёки гумон билан ўз аёлини бундай айблаш мумкин эмас. Гувоҳлар билан зино устида ушласагина даъвоси ўринли бўлади. Ажрашмоқчи бўлаётган эр айблайди, хотини бу айбни рад этиб, қасам ичади, айни чоқда эрини туҳматда айблайди. Ҳакамлар иштирокидаги мунозара

узоқ давом этади. Шунда маҳалланинг доно оқсоқоли ҳисобланган ҳакамлардан бири эрни ташқарига имлаб чақиради-да, нимадир дейди. Эр ташқарида бир оз ўйланиб тургач, изига қайтиб, хотини билан ярашажагини маълум қилади. Бу ҳол кўпчиликни ажаблантиради, оқсоқолдан “йигитга нима девдингиз?” деб қизиқишади. Аммо оқсоқол орадаги сирни очмайди. Орадан кўп йиллар ўтди, оила тинч-тотув яшади, фарзандлар кўрди. Тўйлар қилишди.

Ажрашмоқчи бўлган ўша эр автомобил ҳалокатида жон бергандан кейин, бир куни отахон менга сирни очдилар. Эрни фикрдан қайтарган гап бундай экан: “Ўғлим, бу хотинни қўйсанг, энди барибир сенга бокира қиз тегмайди. Битта ёки иккита эрдан чиққан хотинга уйланасан. Эҳтимол, сен уйланадиган хотин эридан чиққанидан кейин чакки юриб, яна қанча эркакларни кўргандир. Сен “хотиним битта одам билан юради”, деб гумон қиляпсан. Гумонинг тўғри чиққанда ҳам шу хотининг кейин келадиганидан покизароқ бўлиб чиқади-ку? Ундан кўра гумонни бошингдан чиқариб ташла. Хотинингнинг чин сўзига ишон. Худо ҳам шунга буюради”. Отахоннинг донолиги шундаки, бу гапни кўпчиликнинг орасида айтганида эр қулоқ солмаган бўларди. Аксинча “Ҳали қараб турасиз, онаси ўпмаган қизга уйланаман!” деб кўкрагига урган бўларди.

Албатта ҳар бир оилада ўзаро рашк бўлади. Аслида рашкнинг бўлгани ҳам яхши. Чунки улуғларимиздан Сўфий Оллоҳёр айтмоқчи:

Жамиъ жонворлар тушса кўзга

Ҳамиййатлик бўлур тўнғиздин ўзга.

Дейилмоқчиким, барча ҳайвонларда ҳам рашк бор, фақат тўнғизда йўқ, модасини қизғанмайди.

Таажжуб фитналикдур бу замона

Тушубдур эрлар аҳволи йамона.

Дейилмоқчики, ажаб фитналар кўпдир бу замонда. Эрлар ўзларини ёмон аҳволга солганлар. Яъни уларда ғайрат ва рашкдан асар ҳам қолмай, хотинларини бозорларга пардасиз юборурлар. Хотинини сира рашк қилмайдиган, била туриб бегона эркакдан қизғанмайдиган эрни даюс дейдилар. Бошқача айтсак, ўз хотинига қўшмачилик қилувчи эркак даюсдир. Севикли Пайғамбаримиз (с.а.в.) жаннатга кирмайдиган уч тоифадан бири, деб айнан шу даюсни, билиб туриб хотинини ёмон йўлга киришига йўл қўйган эркакни айтганлар.

Агар рашк бутунлай бўлмаса эркак тўнғизтабиатли ҳисобланаркан. Яна дерларким: “Ғайрат мардин (ҳақиқий рашкни) бажо келтурғил. Беғайрат кишини киши демағил. Ҳар кишида ғайрат бўлмаса, дини ҳам бўлмағусидир”. Демак, рашк керакли фазилат экан. Бироқ, рашк ўти ҳаддан зиёд аланга олса иллатга айланади. Эр хотиннинг ёки хотин эрнинг ҳар бир қадамини кузатаверса орада ишонч йўқолади. Ишонч йўқолган уйдан файз кетади. Шу туфайли арзимаган нарсадан жанжал чиқаверади. “Бошқасини топганга ўхшайсизда, менинг ҳамма ишларим кўзингизга ёмон кўриниб кетяпти”, дейди хотин. “Битта яримта хушторинг борми, пардозларинг бошқача бўлиб кетяпти”, дейди эр. Қарабсизки, яхшиликка хизмат қилиши керак бўлган рашк оилани бузишга олиб келади.

“Агар сен хотинингга рашклик қилмасанг, у сенга самимият била муносабатда бўлур. У сенга ота-онанг ва фарзандингдин ҳам мушфиқроқ бўлур ва сенга ундин дўстроқ киши топилмас. Агар унга ғайрат кўргузсанг, сенга минг душмандин душманроқ бўлур ва бегона душмандин ҳазар қилса бўлур, лекин ундин ҳазар қилиб бўлмас”. Кайковуснинг бу панди рашкни меёрдан ошириб юборадиганларга ибрат бўлиши лозим. Агар эр хотинига рашкни ошириб уни айблайвермаса, хотин унга ўз ота-онасидан ҳам меҳрибонроқ бўлар экан. Меёрдан ошса душмандан ҳам баттарроқ душманга айланар экан.

Бир оиланинг бузилишига сабаб бўлган воқеани айтиб беришган эди. Уйга эрнинг дўсти меҳмон бўлиб келган. Хотин хизматда. Эрнинг кўзи пойафзалларга тушади. Қарасаки, меҳмоннинг туфлиси ёнида хотинининг калиши турибди. Хотинини чақиради: “Нега калишинг унинг туфлиси ёнида туради?” Хотин, турган гапки, бунга эътибор бермаган. Шунда эр бошқачароқ даъво қилади: “нима учун сенинг калишинг унинг туфлисига кулиб қараяпти!” Бу ҳолат сизга тентакнамо бўлиб туюляпти, а? Албатта бу аҳмақона рашкнинг кўриниши. Шунга ўхшаш воқеалар такрорланавергач, хотин икки боласини олиб ажралиб кетишга мажбур бўлди. Шундан сўнг ўша рашкчи яна бир неча марта уйланди. Охири оғир касалга чалингач, сўнгги хотини уни қариялар уйига топширибди. Бундан хабар топган ўғиллари оталарини уйларига олиб келиб тарбия қилишибди. Оналари бунга монеълик қилмабди. Икки дунё саодатига етувчи хотин ва фарзандлар шундай бўлишади!

Оилада дўстнинг ўрни масаласи ҳам муҳимдир. Дўстлик тарихи эр-хотин тарихидан аввалроқ бошланган, маълум синовлардан ўтган бўлади. Айрим йигитларнинг дўстлиги боғча ёшидан бошланган, баъзилариники институтдан. Йигит оила қургач, дўстлардан бир оз узоқлашиши мумкин, аммо бутунлай узилиб кетмайди. Айрим дўстларнинг тўйдан кейин ҳам аввалгидай серқатнов бўлишларини кузатамиз. Айримлари эса дўстининг аҳли аёлига номаҳрам эканликларини англаб, бу хонадонга тез-тез келишдан ўзларини тия бошлайдилар. Ақлли дўст деганда биз шундайларни тушунамиз. Тўғри, номаҳрамлик нималигини билмайдиган серқатнов дўст кўнглида шумлик йўқдир, қалби тозадир. Дўстининг хотинини ўз синглисидай кўрар. Аммо орада шайтон бор, бу бир. Яна атрофдагиларнинг турли гумонларга ёки иғволарга асосланган гап тарқатишлари бор. Ана шу иғво гаплар бир кунмас бир кун эрга таъсир қилиб, ёмон оқибатларга олиб келиши табиий. Дўстлар бирин-кетин оила қура бошлашгач, аёлларини ҳам яқинлаштириш мақсадида “улфат” ташкил қиладилар. Айримлар аёллар учун алоҳида “улфат” ташкил этсалар, баъзилар жуфт-жуфт бўлиб ўтиришни маъқул кўрадилар. Мана шу иккинчи ҳолатда кўп фитналар туғилади. Аёллар аввало бир-бирларини синчковлик билан кузатадилар, шунинг баробарида йигитлар ҳам эътиборларидан четда қолмайди. Янги танишган ёш жувонлар орасида иболи, ҳаёлилари ҳам, шўх, ёки одобсизлари ҳам бўлади. Йигитлар билан баравар аския айтишадиганларни ҳам учратамиз. Демак, даврада турли феъл-атворли аёллар тўпланишган экан, турли қилиқлар ҳам юзага чиқаверади. Йигитлар орасида ҳам дўстининг хотинига кўнгли сус кетувчилар топилмайди, дейсизми? Шундай “улфатлар” шарофати билан бузилган оилаларни кузатганмиз. Сўфий Оллоҳёр ёзадиларким:

Ўшал хотунки, номаҳрам назардур

Агар шамсу қамардур мочайи хардур.

Дейилмоқчиким: хотин бегона эрларга қарагувчи бўлса, гарчи ўзи ойдек, қуёшдек гўзал бўлса-да, уни урғочи эшак, демоқ лозим.

Тилимизда ҳамонки “ёмон хотин” деган ибора мавжуд экан, демак, ҳаётда ҳам шундайлари бор экан. Лекин биз “ёмон хулқли хотин” деб изоҳ берсак тўғрироқ бўлар. Ёмон ёки яхши хотин деган тушунчалар ҳам нисбийдир. Маълум бир хотин маълум оила учун ёмон ёки яхши туюлиши мумкин. Шунинг учун узил-кесил хулоса чиқаришга шошилмаслик керак. Хотиннинг ёмонлиги кимларга нисбатан бўлиши мумкин?

  • хотин эр учун ёмон;

  • хотин қайнона учун ёмон;

  • хотин қўшнилар учун ёмон;

  • хотин эрнинг қариндошлари учун ёмон;

  • хотин ҳамкасблари учун ёмон.

Нима учун?

  • эрини ҳурмат қилмайди, ҳуда-беҳудага жанжал чиқаради, рашк қилади...

  • қайнонасини менсимайди, айтган ишларини вақтида бажармайди, эрига ёмонлайди...

  • қўшниларни ғийбат қилади, бир-бирига гап ташийди, хасислик қилади...

  • қариндошларининг меҳмон бўлиб келишини хоҳламайди, улар келганда терслик қилади...

  • ҳамкасбларини ғийбат қилади, бошлиққа кириб чақади...

Хотин эри билан чиқишмаслиги мумкин, аммо қайнона-қайнотаси, қайинсингиллари билан муносабати яхши. Бу масалани ҳал этиш унча қийин эмасдек туюлади. Қайнона-қайнота келин томон бўлиб, ўғилни тарбия этишга уринишади. Халқда “Эр-хотиннинг уриши - дока рўмолнинг қуриши” деган мақол бор. Лекин баъзан ўша дока рўмолнинг қуриши қийин бўлиб қолади. Набий алайҳиссалом дейдиларким: “Ҳеч бир мўмин ўз хотинидан нафрат қилиши тўғри эмас. Зеро, хотинининг баъзи одат ва атвори унинг назарида ёмон кўринса ҳам, баъзи одатларидан рози бўлади. Бас, унинг ёмонликларини яхшиликларига бахшида этсин”.

Агар эрнинг кўнгли кўчадаги жононда бўлса, уни қайтариш анча қийин. Хотиндан биринчи галда сабр этиш талаб қилинади. Эр-хотин бахтли яшашлари учун битта қоидага қаттиқ амал қилишлари керак. Бу қоиданинг номи - БИТТА ГАПДАН ҚОЛИШ! Ҳа, айнан шундай. Битта гапдан қолиш билан олам гулистон! Хўш, ким битта гапдан қолиши керак? Биринчи галда хотин. Эрига гап қайтариб бахтли бўлган хотинни тарихда - минг йиллардан бери ҳеч ким учратмаган, бундан кейин ҳам учратмаслиги тайин. Эр ҳам битта гапдан қолишга мажбур. Эҳтимол, хотин битта гапдан қолган маҳалда эр иккита, баъзан учта гапдан қолса ўзи учун ҳам яхши. Лекин хотин жаврайверса-ю, у индамай ўтираверса, яхшилик бўлмайди. Вақти келганда қайноналар ҳам битта гапдан қолганлари маъқул, деган фикримизни опа-сингилларимиз эҳтимол маъқулламаслар. Лекин баъзан муроса қилиб, келишмовчилик чўғини жанжал алангасига айлантириб юбормаслик учун қайноналар ҳам битта гапдан қолиб турганлари дуруст.

“Онангни отангга бепардоз кўрсатма”, деган гап бор. Орасталик, ўзига меъёр қадар зеб бериш яхши. Биз нима учундир ўзига қараб юришни фақат аёлларга хос, деб биламиз. Айрим биродарларимиз хотини, қизларини чиройли кийинтириб қўядилару ўзлари офтобда куйиб кетган дўппида, ёқаси буралиб кетган куйлакда юрадилар. Бу йўқчиликдан эмас, кўпроқ бефаросатликдан бўлади. Бефаросат деганда биз эрни ҳам, хотинни ҳам назарда тутамиз. Эр кийим-бошга эътиборсиз бўлса, хотин зийрак бўлиши керак, эрига қараши керак. Шундай ривоят қиладилар:

Бир куни ҳазрат Умарнинг (р.а.) ҳузурларига бир хотин эри билан бошлашиб келди-да эрини кўрсатиб:
-Ё Амирал мўъминин! Бу киши менинг эрим бўладилар. У билан қурган турмушимизни ўйлаб кўрдим. Уч ойдирки, тотув яшаш учун кўп ҳаракатлар қилдим. Аммо эримда рағбат

кўрмадим. Уч ой давомидаги турмушимиздан бир нарсага ақлим етди: биз бир-биримизни тушуна олмас эканмиз, шунинг учун ажрашамиз.

Ҳазрати Умар (р.а.) қаршисида индамай турган одамдан сўрадилар:
-Сен нима дейсан?
-Ё Амирал мўъминин! Менинг ҳеч қандай шикоятим йўқ. Мен ажралишни истамайман, -деди эр.

Ҳазрати Умар эрнинг ранг-рўйи, кийим-бошига қараб аҳволни яхши тушундилар.
-Сен ҳозир уйингга кетгин-да, бир оздан кейин келгин. Унгача биз эринг билан суҳбатлашиб оламиз.

Хотин кетгач, ҳазрати Умар у одамни ҳаммомга олиб боришни, ювинтириб, тоза кийимлар кийинтиришни буюрдилар. Эркак покиза бир ҳолга келтирилди. Пича вақт ўтгач, хотин келиб башанг кийимдаги озода эрини кўриб қувониб кетди. У ажрашиш ҳақидаги аҳдини ҳам унутиб, эрини бошлаб уйига кетди. Мўъминларнинг халифаси ҳазрати Умар (р.а.) шу ерда ҳозир бўлганларга қараб дедилар:
-Сизлар оилаларингизнинг (аёлларингизнинг) яхши ва покиза кийиниб, сизни кутиб олишларини севганингиз каби, улар ҳам сизни яхши ва покиза кийинганингиздан завқ оладилар, сизларни ясанган бир ҳолда кўришни истайдилар.

Агар хотин эри билан яхши бўлиб, қайнона билан чиқишмаса, кўпинча бу масалани уларнинг рўзғорини бўлак қилиш, баъзан эса уларни бошқа уйга кўчириш орқали ҳал қилишга уринадилар. Қайнона-келин муносабати энг чигал айни пайтда мавҳум масалалардан бири. Агар уларнинг даъволарини эшитсак, умумийликни кўрамиз. Қайнона дейдики: келин дангаса, ишёқмас, уйнинг тозалигига яхши қарамайди, муғомбир, онасига гап ташийди, катталарга гап қайтаради... Келин дейдики: қайнонам биринчи кундан мени чиқиштирмайдилар, ҳар қадамимни ўлчайдилар, бир пас дам олишимни ҳам кўролмайдилар, овқатга тузни ўзлари солиб, эримнинг олдида “шўр қилиб қўйибсан”, деб уришадилар... Қайнона-келин муносабатида бир нарсани унутамиз: қайнона билан келиннинг ёш жиҳатдан камида йигирма йиллик фарқи мавжуд.

Баъзи қайноналар келинлари билан уришиб қолсалар “Мендан ёш-ку, ўзимни ҳурмат қилмаса ҳам ёшимни ҳурмат қилмайдими!” деб нолийдилар. Биз фарқни фақат ёшда, йилларда кўрамиз. Аслида орадаги йигирма йиллик фарқ - дунёқарашдаги фарқ дегани. 40-50 ёшдаги аёлнинг ҳаёт тажрибаси ўзига яраша дунёқарашини шакллантирган. 20 ёшли жувон замоннинг таъсирида бу дунёқарашни инкор этиши ҳам мумкин. Бундайлар орасида “қайнонамнинг фикрлари эскириб қолган”, деган гапларни эшитамиз. Бу нуқтада икки шахснинг тўқнашувини шунчаки оилавий можаро эмас, ижтимоий масала сифатида ўрганишимиз ва ҳал этишимиз керак бўлади. Буларни биз бедаво дард эмас, тузатиш имкониятлари мавжуд арзимаган камчиликлар деб қабул қилишимиз керак. Бу камчиликлар туфайли оила бузилса, қайнонани айблашга ҳақлимиз. Баъзан келин камчиликларини тан олиб тузатишга киришса ҳам, қайнона бўш келмайди, талабларини янада кучайтираверади. Шу ўринда бир фикримиз борки, буни ҳам опа-сингилларимиз рад этишлари мумкин. Халқимизда “Қизил оёқ келиб, қизил юздан жудо қилди”, деган мақол бор. Бу келин келиб, ўғлимни ўзиники қилиб олди, дегани. Айрим аёлларда ўғлини қизғаниш ҳисси бўлади. Ўғил уйланиб, келин билан ётоғига кириб кетганидан кейин она қалбида бир узилиш бўлади. Яъни, ҳамиша ёнида бўлган ўғил энди ўзганинг ихтиёрида. Балки шу ҳис онада келинга нисбатан норозилик уйғотар? Бу руҳият муаммоси. Фикрни бирданига рад этмайлигу, ўйлаб кўрайлик. Қайнона-келин муаммосини ҳал этишда шу руҳий ҳолатни ҳам назардан четда қолдирмайлик. Айниқса ўғил фарзандлар шу масалада эҳтиёт бўлишлари керак. Тўйдан кейин онага бўлган эътиборни зарра қадар ҳам камайтирмасликлари шарт.

“Кўча хандон, уй зиндон” деган таърифни эшитганмиз. Гарчи бу ибора кўпроқ эркакларга нисбатан қўлланилса-да, баъзан аёлларга нисбатан ҳам айтиш мумкин. Чунки айрим аёлларга уй зиндон, ишхона эса жаннатдай кўринади. Нега? Аёлнинг феъли шундайми ёки уйдаги шароит чиндан ҳам зиндон, ишхонадагиси жаннатдайми? Агар аёлнинг феъли кўчага мойил бўлса, унинг тарбияси осон кечмайди. Агар уйдаги шароит ёмон бўлса, унинг муолажасини қилиш шарт. Хотиннинг қўшни, қариндош, ишхонадаги ҳолатига кўп тўхталмаймиз, бу бошқа бобларда алоҳида ўрганиладиган масала.

Ёмон хулқли хотиннинг мавжудлиги замонга, жамиятга ҳам, хонадоннинг бой ёки камбағаллигига ҳам қарамайди. Агар камбағаллик ёмон хотинларни юзага чиқарса, дунёни ёмон хотинлар босиб кетарди. Ҳолбуки, камбағал оилаларда ёмон хотинларни камроқ учратамиз. Агар оиланинг бахтини бойлик белгилаганда эди, биронта бой хонадонда оилавий жанжал кўтарилмас эди. Ҳолбуки, бой хонадонлардаги оилаларнинг бузилиши кўпроқ кузатиляпти. Бу ҳолат фақат бугунги кунимизга хос эмас. Келинг, тарихга назар ташлайлик: Бобур ҳазратлари “Бобурнома”да Ҳусайн Бойқаронинг хотинлари ҳақида ёзадилар: “...аввал олғон хотуни Бека Султонбегим эди, Санжар мирзо Марвийнинг қизи эди. Бадиуззамон мирзо мундин туғиб эди. Кўп кажхулқ эди. Султон Ҳусайн мирзони кўп оғритур эди. Кажхулқлиғидин мирзо батанг келди, охир қўйди ва халос бўлди, не қилсун ҳақ мирзо жониби эди.

Зани бад дар саройи накў

Ҳам дар ин олам аст дўзахи ў.

(Дейилмоқчиким: яхши кишининг хонасидаги ёмон хотин шу дунёнинг ўзидаёқ унинг дўзахидир.)

Тенгри ҳеч бир мусулмонға бу балони солмағай.

Ёмон хўйлуқ, кажхулқ хотун илоҳий оламда қолмағай”.

Маликанинг нима учун ёмон бўлгани бизга маълум эмас. Бобур мирзо ҳам буни бошқалардан эшитиб ёзган бўлсалар ажаб эмас. Эҳтимол, малика эрининг кетма-кет хотин олаверишидан, бу ҳам етмагандай канизаклар билан маишат қилаверишидан безиб, жанжал қилгандир?.. Машойихлар эрларни ёмон хотин балосидан бот-бот огоҳлантириб келганлар. Мана, шулардан бири: “...дўст бўлмағон хотиндин қочғил, нединким, дебдурлар: “Кадбону (ишчан уй бекаси) бўлмағон тезроқ банд бўлур, аммо у масобада (ҳолатда) эрмак.

Бунингдек хотин сенинг молингни қўлингдин олиб, сўнгра сени унга молик бўлурға қўймағай, ундин сўнг сен унинг хотини бўлурсан, лекин у сенга хотин бўлмас”.

Сўфий Оллоҳёр ҳам ёмон хотинлар хусусида бир қанча байт айтганларки, танишсак зарар қилмас:

Йамон бўлса, наъузу биллаҳ андин,

Зиёндин ўзга ҳеч қолмас йамондин.

Дейилмоқчиким: олган хотин ёмон чиқса, бу хотин қўлидан зиёну ёмонликдан бўлак нарса келмас. Бундайин хотинлар шумлигидан Аллоҳга сиғиниб, паноҳ тилаймиз.

Йамон хотун шайотин қамчисидур,

Қўлинг боғлағувчи арғамчисидур.

Дейилмоқчиким: ёмон хотин гуноҳлар дарёсига чўктирувчи (мазкур байт ҳадиси шариф асосида айтилган).

Ду олам нари бўлса, нари кетсун

Кўзинг кўрмаса шум дийдори битсун.

Дейилмоқчиким: бу ёмон хотин икки дунёнинг дўзахидир ва уни ўзингдан нари қил. Бу икки дунё тамуғи кетсин, ботсин, битсин, дея талоқ қил.

Агар чандеки, бузургзодадир ул,

Яқин бил, тўрт оёқлиқ модадир ул.

Дейилмоқчиким: ёмон хотин гарчи пайғамбарзода бўлса ҳам, билгилки, шу ёмонлиги учун тўрт оёқли урғочи ҳайвондан бошқа нарса эмас.

Ҳа, олган хотининг жоҳил, хоин чиқса хотин эмас, бошингга бало олган саналасан. Бир уйда аёлнинг овози баланд чиқса, яъни эр сўзини тингламаса, унга итоат этмай, гап қайтараверса, у уйда хайр -яхшилик бўлмайди, бу уйдан саодат кутилмайди, кутилгани билан етишиб бўлмайди.

Хўп, ёмон хулқли хотинларга шунчалик нафратимиз бор экан. Уларга нисбатан энг сўнгги чора мақолда ҳам айтилган: “Қўшнинг ёмон бўлса - кўчиб қутиласан, хотининг ёмон бўлса -қўйиб қутиласан”. Бу сўнгги чорадан Аллоҳ асрасин. Ёмон хулқли аёлларга хушхулқ насиб этсин.

Худога шукрким, ёнимизда ёмондан кўра яхши аёллар кўпроқ. Хўш, кимларни яхши деймиз?

  • олижаноб, покиза ва қалби гўзалларни;

  • ақлли, қаноатли, иффатли, вафолиларни;

  • барча ҳаракатларини ўйлаб қиладиган, эрининг борида ҳам, йўғида ҳам ҳурматлаб, ўзини ва номусини сақлайдиганларни;

  • яхши ва ёмон кунларда фидокор бўлишни ўзларига шиор қилиб олганларни;

  • юзидан кулги аримайдиган, тили ширин, қўли баракали, қадами қутлуғ бўлганларни...

Яхши аёлларга хос фазилатларни баён қилиб, сиз азизлар учун ҳеч бир янгилик кашф қилганим йўқ. Бу фазилатларни ўзингиз ҳам яхши биласиз. Лекин мен диққатингизни икки нарсага қаратмоқчиман: аввало бу фазилатлар фақат аёлларга хосми? Эркаклар учун зарур эмасми? Бизнингча зарур. Иккинчидан, фарзандларимизни, айниқса қизларимизни бу фазилатлар асосида тарбия қиляпмизми?

“Кимнинг хотини дўст, меҳрибон ва уйи саранжом-саришта бўлса у киши ҳақиқатан бахтиёрдир. Агар хотининг иффатли, номусли, очиқ юзли ва ширинсўзли бўлса, у хоҳ гўзал, хоҳ хунук бўлсин, бирибир уни сев, яна ҳурмат қил. Бу сўзлар ёлғиз хотинларгагина эмас, эркакларга ҳам махсусдир. Эр ва хотин ҳамжиҳат ва ҳамфикр бўлсалар, уларнинг кўзлаган ҳамма мурод ва мақсадлари ҳосил бўлди, демакдир”, дейдилар. Машойихлар дерларким: “Хотин пок ниҳод (тоза табиатли) ва пок дил бўлсун; кадбону (ишчан уй бекаси) эрига дўст бўлғай. Ҳаёлиғ, тақводор, тили қисқа, молни яхши сақлағувчи бўлсин. Дебдурларки, яхши хотин эрнинг ва умрнинг роҳати бўлур. Агар хотининг хўбрўй, меҳрибон ва мақбул бўлса ҳам ихтиёрингни унга буткул бермағил ва унинг ҳукми остиға кирмағил.

Нединким, Искандарга дебдурлар: “Доронинг қизин нима учун олиб хотин қилмассан, бағоят хушрўйдир?” Искандар деди: “Жаҳон халқиға ғолибман, энди бир хотинга мағлуб бўлсам, кўп ёмон кўринур”.

Эр сўзига қулоқ солган, Аллоҳ амрини адо этган хотин фақирни (камбағални) подшоҳ қилади. Кимнингки кўнгил ҳабибаси бўлган аёли, хонадонининг бекаси ўзига уйғун ва мос бўлса, ўша одам энг бахтиёр кимсадир. Ҳар куни тонг отгандан то оқшомгача ишда банд, узун тун бедорлик билан ўтса-ю, аммо ёнингда кўнглингни овловчи, сенга тасалли берувчи, қийинчилик ва машаққатингга шерик, дардингни олувчи бир аёл - беканг бўлса, бу дунё ташвишларидан сира қўрқмасанг ҳам бўлаверади. Кимнингки уйи маъмур, ёстиқдоши уни жондан севучи экан, демак, Жаноби Ҳақ ўша қулига раҳмат назари билан қараяпти экан. У одам Аллоҳнинг лутфига эришган бахтиёрлардан экан. Диққат қиляпсизми, ҳаёт қонуни асли шу - Аллоҳни, Пайғамбарни таниган хотин эрга итоат этади, бундай хотин эрнинг бошига бахт тожини кийдирувчидир.

Сўфий Оллоҳёр ҳазратларининг ёмон хотинлар ҳақидаги фикрлари билан танишдик, яхши хотинлар ҳақида нима деган эканлар?

Хуш ул зан билмаса беҳуда дерни,

Сучук лафзи билан шод этса эрни.

Дейилмоқчиким: яхши хотин беҳуда сўзларни айтишни билмас. Аммо ширин сўзлари билан эрини шод қилур.

Агар ўн йил уйида бўлмаса ун,

Уни чиқмас, ани айтурга бир кун.

Дейилмоқчиким: агар хотин яхши бўлса, эрининг уйида ўн йил давомида ун бўлмаса, бировга ҳеч вақт ун йўқ, деб ун (товуш) чиқармас, шикоят қилмас.

Ровийлар дерларким, фақир бир одам уйланиб, ўғил фарзанд кўрди. У ўғлини бағоят севар эди. Бола тиш чиқара бошлагач ота нолиб қолди:
-Қара, тишлари чиқиб қолди. Энди овқат ейишни хоҳлайди. Энди мен унга овқатни қайдан топиб келаман?

Эрининг ақлини, дидини билган солиҳа хотин уни шундай деб юпатди:
-Эй менинг соддагинам, тушунчаси нуқсонли эргинам. Сиз кўпам васваса қилаверманг. Фарзандимизга тишни Аллоҳ берган, унга овқатни ҳам Ўзи беради. Бутун оламга ризқ берган Жаноби Ҳақ Қодирдир. Гўдаклар, чақалоқларнинг ҳам ризқини беради. Сиз ташвиш қилманг!

Чиндан ҳам чақалоқларга она қорнида сурат ва шакл берган Аллоҳ уларнинг ризқларини, умрларини ҳам берадир. Агар аёл солиҳа эмас, бу ҳақиқатдан узоқ бўлганида эди шаддодлик ёки қўполлик билан “Сиз отасиз, топиб келиш бурчингиз”, деб дилини хира қилиши тайин эди.

Бир чўпоннинг солиҳа, фаросатли хотинига ҳамма ҳавас қиларди. Ҳамма шу чўпонни “энг бахтли одам” деб таърифларди. Қишлоқда кимки хотини билан келишолмай қолса: “Бор, чўпоннинг хотинидан ибрат олиб кел”, дерди. Бир куни хотини билан жанжаллашиб қолган қишлоқ оғаси ҳам шундай деди. Хотин “Мен кимману чўпоннинг хотини ким! Ундан нимани ўрганардим!” деди. Кейин “бу хотинни ҳамма мақтайди бир бориб кўрайинчи”, деб қизиқиб йўлга чиқди. Борса, чўпон хотини ҳовлидаги идишда турган сувдан олиб ичаётган экан. Қишлоқ оғасининг хотини чанқаган эди, “шу сувдан ичайин”, деб сўради. “Хўп, - деди чўпон хотини, -сизга ҳозир ичкаридан муздай сув олиб чиқаман, бу илиб қолган”.
-Ичкарида муздай сув бўлса, ўзингиз нима учун бу илиган сувдан ичяпсиз? - деб ажабланди оғанинг хотини.
-Хоним, эрим бу онларда далада, жазирамада юрибдилар. Мешларидаги сув қуёш нурида илиб қолгандир. Эрим у ёқда илиган сув ичсалару мен бу ерда муздек роҳатбаҳш сув ичсам, меҳрибон хотинлигим қаерда қолди!

Бундай фаросат эгасини ҳар бир эркак орзу қилади. Бу бахтиёрликдир. Бундай бахт мол-мулк, бойлик, давлатмандлик, хонлик, беклик ёки ўқиган, катта мартаба соҳиби бўлиш билан қўлга киритиладиган давлат эмас. Баъзан икки карра иккининг тўртлигини билмайдиган одам илмли, фаросатли, оқила аёлга эр бўлади.

Худди шу ҳикоядаги чўпон каби! Инсон мол-мулк топа олади. Қўлидан ҳар нарса келади. Аммо яхши аёл қўлда ясаб оладиган неъмат эмас. Аллоҳ кимга солиҳа бир хотин берган бўлса, ул одамга, ул қулига барча эзгуликларни, хайрли нарсаларни ўзида мужассам қилган неъматни берганидир. Агар кимгадир кўнглидаги бир аёлни бермаган экан, у қанчалик бадавлат бўлмасин, қандай мартабага эришмасин ва мақсадига етмасин, бу одам барибир фақир ва заволлидир. Чунки унинг кўнглидаги хоними йўқдир. Демоқчимизким, яхши хотинни истаган эр аввало Аллоҳ ҳузурида бу неъматга арзийдиган солиҳ банда мартабасига етсин. Оддий ҳақиқатни ўйлаб кўрайлик: ёмонликлари туфайли дўзахга лойиқ бандасига Аллоҳ бу дунёнинг жаннатини раво кўрармикин?

Яхши хотинга эга биродарларимизнинг айримлари баъзан хотинларини бирон бир даврада мақтаб қўядилар. Билмайдиларки, хотинни мақташ одобдан эмас, чунки одатда сотилгувчи нарса мақталади. Бир янги уйланган йигит тақдиридан қувониб, мақтанибди:
-Амаки, келинингиз шундай назокатли, фаросатлики, сиз билмайсиз.

Амакиси жиянига насиҳат қилиб ўтирмай, оқшомда меҳмон бўлиб боришни тайинлабди.

Жияни келгач, амаки хотинига тарвуз олиб келишни буюрибди. Хотин олиб келибди. Амаки тарвузни кўриб: “Буниси яхши эмас, бошқасини олиб кел”, дебди. Хотин итоат билан

иккинчисини олиб келибди. Шу тарзда эрнинг хоҳишига қараб ўн марта бошқа тарвузга қатнабди. Аммо лом-мим демабди. Жияннинг таклифи билан эртасига амаки меҳмонга борибди. Жиян ҳам хотинига тарвуз келтиришни буюрибди. Биринчи тарвузни кўриб: “Бу яхши чиқмайди, бошқасини олиб кел”, дебди. Жувон итоат билан иккинчи тарвузни олиб келибди. Жиян бундан мамнун бўлиб, амакисига “кўрдингизми!” дегандай кулиб қарабди-да, “бу ҳам бўлмайди, бошқасини олиб кел”, дебди. Учинчи тарвузни ҳам бўлмайдига чиқариб қайтармоқчи бўлганида жувон:
-Нима, бир арава тарвуз тушириб қўйганмисиз, ҳали унисини, ҳали бунисини олиб кел, деяверасиз. Бор-йўғи учта тарвуз бор уйда, ёқмаса турингда яхшисини ўзингиз танлаб олинг. Мен танлашни билмайман! - деб норозилигин баён қилибди.

Шунда амаки жиянига деган экан:
-Кўрдингми, болагинам, сен кўпам мақтанавермагин. Менинг уйимда бир донагина тарвуз бор эди. Хотиним яхши феълли, фаросатли бўлгани учун менга эътироз билдирмай ўша битта тарвузни ўн марта олиб келди. Лекин бирон марта итоатсизлик билан гап қайтармади, лабини ҳам бурмади.

Сўфий Оллоҳёр ҳазратларининг битикларини ўқишни давом эттирамиз:

Сирин фош айламас, гар ғамда бўлсун,

Агар танг бўлса, айтур: “Бўлса - бўлсун”.

Дейилмоқчиким: яхши хотин ўзи аламда бўлса ҳам, эрнинг сирин асло фош айламас. Агар рўзғори тангликда қолганини биров айтса, эслатса ҳам “бўлса бўлар, эртага Худо бериб қолар”, деб ўзга сўз айтмас. (Бунга ибратли мисол тариқасида Умму Дардога хос сабрни “Энг яхши дўст” бобида зикр этажакмиз, инша Аллоҳ.)

Агар заннинг мунингдек бўлса хишти,

Ани дегил бу дунёнинг беҳишти.

Дейилмоқчиким: агар хотиннинг сифати юқорида баён қилинганидек бўлса, ул хотинни бу дунёнинг жаннати бил.

Иликка тушса мундоғ нозанин гул,

Дегил бу сандадур бўсанда, ман - қул.

Дейилмоқчиким: Аллоҳ таоло насиб айлаб, шундай хотин қўлингга тушса, нимаики сиринг бўлса, яширмай айтишинг мумкин ва уни қучиб, бўса олиб “қулингман сенинг” десанг ҳам арзийди.

Бундай фазилатли аёллар ҳар бир эркакнинг орзусидир. Айни чоқда яхши фазилатли эрлар ҳар қандай аёлнинг орзусидир. Яъни, ақлли хотинни орзу қилмиш эрнинг ўзи ҳам ақлли бўлмоғи шарт.

Вафони талаб қилувчи эрнинг ўзи аввало вафоли бўлсин. Аллоҳ ҳар бир эркакка ўзига яраша қизни насиб этади. Диққат қилайлик: ақлли одамга камдан кам ҳолларда аҳмоқ хотин дуч келади. Чунки, ақлли йигит дуч келган қизга уйланавермайди. Фақат қош-кўзларига эмас, гап-сўзларига, одоб-ахлоқига эътибор беради. Эр-хотиннинг ақл-заковати, феъли, зеҳни-фаросати орасида кескин фарқ бўлмаса уларнинг турмушлари яхши кечади. Бир-бирларини тушунишлари осон бўлади. Улуғлардан шундай панд-насиҳат бор: “Хотин олсанг улуғ салоҳлиғ (яхши) хонадондин хотин талаб қилғил. Ҳар турлик авбошнинг қизин олмағил, нединким, хотинни уйнинг кадбонлиғи учун олурлар, шаҳват учун олмаслар. Хотин камолга етғон, оқила бўлғон, онасининг кадбонлиғин (сариштали уй бекаси эканлигини), отасининг кадхудолиғин (оила хўжаси эканини) кўрғон ва билғон бўлсун. Агар бундай нозанин қўлингга тушса, уни асло қўлдин чиқармағил ва жаҳд қилиб уни олғил”.

Қадим Арабистонда илму ҳикматда беназир Шан деган бир ҳаким “ўзимга ўхшаган бирор билимдон қиз топилмагунича уйланмайман”, деб аҳд қилган экан. Қайлиқ ахтариб мамлакатни кезиб чиқса ҳамки, ўзига муносиб ёр топа олмабди. Шу ниятда сарсон-саргардон юрган кезлари бир одам унга йўлда ҳамроҳ бўлибди. Шан ундан:
-Сиз мени кўтарасизми ё мен сизни кўтарайинми? - деб сўрабди.
-Ажаб бетамиз одам экансиз, - дебди ҳамроҳи аччиқланиб, - ўзим салламни зўрға кўтариб юрибману, сизни қанақасига кўтараман?

Шан индамабди. Бир оз йўл юрганларидан кейин барқ уриб яшнаб турган бир буғдойзорга етибдилар. Шан экинзорга қараб:
-Бу буғдойзорнинг донини еб бўлишдимикан? - деб ҳамроҳига қарабди.
-Жиннига ўхшайсиз-а! Буғдойи пишмаган, ўриб олинмай туриб қанақасига еб бўлади!

Шан яна индамабди. Яна бир оз юришгандан сўнг тобут кўтариб кетаётганларга йўлиқишибди.
-Бу одам ўлдимикан ё ҳали ҳам тирикмикан? - деб Шан ҳамроҳидан сўрабди.

Ҳамроҳининг баттар жаҳли чиқибди:
-Умрим бино бўлиб сизга ўхшаган аҳмоқни энди кўришим. Қабристонга кўтариб олиб кетилаётган ўликни тирикми ё ўликми, деб сўрашингиз ақлли одамнинг гапи эмас. Илтимос, энди гапирмай жим кетинг. Гапирсангиз кўнглим озиб кетяпти.

Шундай қилиб индамай юраверишибди. Манзилга етишгач, ҳалиги одам “мусофирни меҳмон қилиб ҳам савоб олай, ҳам бояги қўполлигимни кўнглидан чиқарай”, деб уйига таклиф қилибди. У одамнинг ҳусну малоҳатда, ақлу фаросатда тенгсиз қизи бор экан. У отасидан “Ҳамроҳингиз ким экан, йўлда нималарни гаплашиб келдингиз?” деб сўрабди.
-Эй қизим, бу сафар қип-қизил аҳмоққа рўпара келиб қолдим, - ота шундай деб бўлиб ўтган гапларни сўзлаб берибди.
-Унинг кўнглини оғритиб чакки қилибсиз, - дебди қиз.-Сизга айтган сўзлари унинг жуда катта ҳаким ва зўр билимдон эканидан далолат беряпти. Биринчи саволининг маъноси шу: “Йўлнинг заҳматини камайтириш учун сиз бирон нарса сўзлаб берасизми ё мен айтиб берайми?” “Бу ернинг ғалласини еб бўлишдимикин?” деб “Бу ғаллани эккан одам бирор судхўрдан қарздор бўлиши, унинг қистовидан тезроқ қутилиш мақсадида, буғдойни ўриши биланоқ тўғри бозорга бориб сотиши мумкин”, деган маънони назарда тутган. Мулоҳаза қилиб кўрилса, бу ҳол экин пишишидан олдинроқ еб кетилгандай бўлади. Тобутдаги мурдани ўликми ё тирикми, деб сўраганининг маъноси шу: “бу одам ўлганидан кейин ёдгорлик сифатида бирор фарзанд ёки шогирд қолдирдимикан, эслашга арзигулик бирор хайрли иш қилдимикин ёҳуд жоҳил ва фосиқлигидан, ўлиши биланоқ ҳамманинг эсидан чиқиб кетдимикин?” Сиз дарҳол унинг ҳузурига чиқиб, узр сўранг, айтган сўзларини шарҳлаб беринг. Акс ҳолда у сизни аҳмоқ ва жоҳил деган қарорга келиши мумкин.

Шунда ота чиқиб қизининг айтганларини билдирибди. Шан унинг шарҳини тинглаб бўлгач сўрабди:
-Бу шарҳ сизнинг табиатингизга мутлақо хилоф. Яхшиси бу сўзларни ким ўргатганини айтинг.

Қизнинг отаси ҳақиқатни айтишга мажбур бўлгач, Шан шунча йиллардан бери қидириб юрган гавҳаримни энди топдим, деб суюниб кетибди. Отасининг розилиги билан қизни никоҳлаб олиб, муродига етибди.

Ривоятдан оладиган ибратимиз шуки, киши ўз ҳолига, даражасига қараб, ҳар жиҳатдан ўзига мос бўлган оиланинг қизига уйлангани маъқул. Ўзидан юқори даражадаги қизга уйланса, хотини отасининг ҳашамати ва дабдабасига мағрур бўлиб, эрни менсимай қолиши мумкин. Иффатли, ҳаё-номусли хотин марғуб ва мақбул бўлса, аччиқ тилли, ҳаёсиз хотин фақат ўз эрининг эмас, балки халқнинг нафратига сазовор бўлади.

Пайғамбаримиз (с.а.в.) “Мусулмоннинг уйи жаннат боғидан бир боғчадир”, деганлар. Бундан ибрат шуки, “жаннатда ўсган” қизга уйланган эрнинг бошига бахт қуши қўнибди. Аммо бахт қуши қўниши учун унинг ўзи ҳам жаннатда ўсган бўлиши керак.

Қози Шурайҳ тобеинлардан Шаъбий ҳазратларига насиҳат қилибдилар:
-Эй Шаъбий, агар уйлансанг, Бани Тамим қабиласидаги бир қизга уйлан. Улар қизларига яхши тарбия беришади.

Шаъбий: “Қаердан биласиз?” - деб сўрадилар. Қози Шурайҳ саволга жавобан шундай дебдилар:
-Ёшлик фаслимда Бани Тамим қабиласи томонга борган эдим. Қайтиб келаётиб, қари бир аёл билан ёш қиз ўтиришганини кўрдим. Қиз ғоятда чиройли, латофатли кўринар эди. Қизни яқинроқдан кўрмоқ учун чанқоғимни босиш баҳонасида уларнинг олдига бориб, сув сўрадим. Аёл қизга сув олиб келишни буюрди. Сувни ичгач, ул хотиндан: “Бу қиз кимнинг фарзанди, исми нима?” - деб сўрадим.
-Бу қиз Худоёрнинг қизидир, исми Зайнаб, - деди кампир.
-Турмушга чиққанми? - деб сўрашга журъат этдим.
-Йўқ, ҳали турмуш қурмаган.
-Аллоҳнинг амри ила менга берасизми? - деб сўрадим.
-Аввал сўраб-суриштириб, куёвликка лойиқ бўлсанг берамиз, - деди кампир.

Уйимга қайтганимдан кейин ҳам қизни кўргим келаверди. Унга уйланишни ихтиёр этдим. Қариндошимдан бирини олиб, қизнинг амакиси ҳузурига бордикда мақсадимизни айтдик. Қизни суриштирган эдик “У сенга муносиб”, дедилар. Никоҳ бўлганидан кейин Бани Тамим қабиласининг аёллари қандай эканини яхши билмайман, бошқа-бошқа муҳит, бошқа қабила одамларимиз, шошилиб, адашмадиммикин, деб пушаймон бўла бошладим. Лекин ичимдагини ҳеч кимга айтмай, охири бахайр бўлар, деб кутдим. Уйландим, келинни олиб келдик. Ёлғиз қолганимизда никоҳимга олганим қиз менга шундай деди:
-Афандим, бу оқшом куёв икки ракаат намоз ўқиши керак. Аллоҳ ризоси учун ўқиладиган бу намоздан кейин келиннинг хайрли ва бахтли бўлишини тилаши, Жаноби Ҳақдан эзгуликлар, баракот ниёз этмоғини тилаши суннатдир.

Унинг гапи маъқул келиб, икки ракаат намоз ўқидим. Саломдан кейин қарасам, у ҳам намоз ўқияпти. Намоздан сўнг у менга қараб шундай деди:
-Афандим, мен саҳройи муҳитнинг қизиман. Сиз эса бошқа муҳитда тарбия топгансиз. Тақдир бизни бирлаштирди. Сизга ўз муҳитингиздан бир қиз, менга эса ўз қабиламдан бир йигит топилар эди. Аммо тақдири илоҳий шундай экан, бир-биримизнинг феъл атворимиз ва ахлоқимизни билмаганимиз ҳолда тақдир ҳукми билан оила қурдик. Сиздан биринчи илтимосим, яхши кўрадиганингиз ва мамнун бўладиганингиз нарсаларни менга айтиб қўйсангиз. Сизнинг истагингизга мос хизмат қиламан, ёқтирмайдиган ва хуш кўрмайдиган ҳолларни ҳам айтиб қўйинг, токи мен улардан сақланай. Шундан кейин сиз менга лутф этиб, мулойим феълли бўлинг, мен ҳам сизга хотинлик вазифаларимни ўрнига қўймоқ учун астойдил ҳаракат қилай. Агар мен ўз вазифамни бажармай, танбаллик ва итоатсизлик қилсам, мени отамнинг уйига қайтариб юборишингиз мумкин.

Бунинг учун ҳеч ранжимайман. “Бошга тушганни кўз кўрар”, “Бошга тушса йиғламас”, дейдилар. Мен сиздан шуларнигина илтимос қиламан. Жаноби Ҳақдан бир-биримиз учун хайрли ва баракотли турмуш қуришимизни тилайман. Исломий бир оила ҳаёти ила яшамоғимиз учун дуо қиламан.

Менга унинг сўзлари хуш ёқиб, дедимки:
-Хоним, сен менга шундай пурмаъно сўзлар айтдингки, агар айтганларингни адо этсанг, мени толеи баланд ва бахтиёр этасан. Агар сўзингда турмасанг, аҳвол бошқача бўлади. Мен мана бу нарсаларни истайман, бу нарсаларни севаман, мана буларини эса ёқтирмайман. Мен орзу қилганларни адо эт. Хуш кўрмаганларимни яшир, кўрсатма.

Сўнг у “Қариндошларимнинг келиб-кетиб туришларини хоҳлайсизми?” - деб сўради. “Узоқ турмаслик шарти билан майли, лекин ҳаддан зиёд тез-тез келишларини хоҳламайман”, дедим. “Қўшнилардан кимлар кириб-чиқа олади? Хоҳламаганингиз билан кўришмайман”, деди. Мен дедим:
-Фалон қўшнилар чиқиши мумкин. Улар номусли ва диндор одамлар. Фалон кимсаларни хоҳламайман, уларнинг ҳаёти исломий эмас. Ундайларнинг хонадонимизга қадам босишлари яхшилик келтирмайди. Бундай мезонлар билан қурилган оила қисқа вақт ичида бир жаннати хонадон бўлади.

Орадан бирор йил ўтди. Бир куни уйимга келсам, кекса аёл меҳмон бўлиб ўтирган экан. Унинг аёлимга “Қизим, бундай қил, ундай қилма”, деб насиҳат қилишидан таажжубланиб: “Бу ким?” деб сўрадим. Аёлим “Қайнонангиз”, деб жавоб берди. Мен қайнонамнинг ҳурматини бажо келтириб, ҳурмат ва эҳтиром кўрсатдим. Қайнонам “Хотинингиздан мамнунмисиз?” деб сўрадилар.
-Жуда мамнунман, Аллоҳ сизлардан рози бўлсин, жуда ҳам яхши фарзанд етиштирибсиз. Бундан яхшиси бўлмайди. Ниҳоятда мамнунман, - дедим.

Бунга жавобан қайнонам:
-Мен уни жаннатдай оила гўшасида ўстирганман, ўғлим. Аёлнинг бадфеълидан Аллоҳ сақласин. Қариндошларимиз сизни кўргани келишмоқчи, қачон келишсин? - деб сўрадилар.

Мен: “Истаган кунлари келишсин. Уйимнинг тўри уларники”, дедим.

Қайнонам ҳар йили бир келиб, қизига насиҳатлар қилиб кетардилар. Мен хоним билан йигирма йил бирга яшаб унинг бирорта айбини кўрмадим.

Қози Шурайҳнинг қўшнисиникида ҳар куни жанжал экан. Қўшни хотин тарбия кўрмаган, ёмон феълли бўлгани сабабли, турмушлари хароб экан. Уларнинг ҳолини кўрган Қози Шурайҳ суюкли хоними Зайнаб шарафига бу сатрларни битган эканлар:

Завжалар ичинда Зайнабим танҳо,
Қўлим синсин, унга кўтарсам гоҳо.
Адолатсизликдир беайб урмоқ,
Зайнабимга муносибдир мадҳ этиб юрмоқ.
Хотинлар ичида у бир қуёшдир,
Бошқа барча хотинлар юлдузга эшдир.
Қуёшнинг ёнида юлдузлар учар,
Эркак саодати уйида бўлар.
Зайнаб итоатли, Зайнаб содиқдир,
Унга таёқ эмас, мадҳия ҳақдир.
Азизлар, мазкур ҳикояни, ундаги қизнинг гапларини яна бир қайта ўқиб чиқинг. Яқин ойларда ёки яқин йилларда келинлик либосини эгнига илувчи қизингизга ҳам ўқиб, маъносини тушунтириб беринг. Биз, ҳар биримиз уйимизда жаннат ҳузури бўлишини истаймиз, Аллоҳдан сўраймиз. Албатта, бундай ҳузурни бергувчи ёлғиз Аллоҳдир. Аммо бу неъмат фақат дуо билан бўлмайди. Бу неъматга эришиш учун банданинг ўзида яхшилик сари интилиш бўлиши керак. Қизини бахтли бўлишини истаган ота-она унга яхши тарбия бериши керак.

Мазкур ҳикояда шундай ўгитлар борки, уларга амал қилиш хонадонни жаннат мисоли ҳузур манбаи қила оладир. Қози Шурайҳийнинг қайнонаси “Қизимни жаннатда ўстирдим” деганига диққат қилайлик: бунда аввало ҳикоя аввалида зикр этилган ҳадисга ишора бор. Иккинчидан эса жаннат - иймон эгалари тўпланадиган жой. Қиз иймон эгалари таъсирида вояга етган. Ҳар бир ҳаракатида иймон талабларига амал қилади. Кимки уйини жаннат боғчаси қилса, фарзандини шу боғча гули каби парваришлайди. Кўриниши гўзал бўлгани учун эмас, феъли гўзал, ахлоқи яхши бўлгани учун аёл эъзозланади. Чунки мол-дунё тугайди, гўзаллик ўтиб кетади. Шу гапларни айтсак, айримларнинг энсаси қотиб “ўтмишдаги гапларни мисол қилишнинг нима фойдаси бор?” деб қўл силташади.

Бизнинг афсусимиз ҳам шунда. Ажаб, ажабки, жаннат боғчалари ўтмишда қолиб кетдимикин? Йигирма биринчи аср мезони бу жаннат боғчаларини инкор этадими? Бўлажак келин бой, бўялган, тузанган бўлса басми? Тор шим кийиб, киндигини кўрсатиб юрувчи, ота-онасидан ҳам кўра дискотекани яхши кўрувчи қизлар қайси боғчада парвариш қилиндилар экан? Жаннат боғчасидами ё дўзахнинг қуриб қовжираган биёбонидами? Баъзан кўчада кўрамиз: онаси бинойи аёл, ҳатто ҳижобда. Қизи эса шармандали кийимда. Бу қанақа оила бўлди?!

Севикли Пайғамбаримиз (с.а.в.) саҳобаларига: “Ахлатхонада битган гулдан эҳтиёт бўлинг”, деганлар. Асҳоб: “Ахлатхонада битган гул қандай гул, ё Расулаллоҳ?”-деб сўрадилар. Расулуллоҳ (с.а.в.) марҳамат қилдилар:
-Ёмон муҳитда, исломий тарбиядан узоқ, ахлоқсиз бир оилада етишган аёл.

Қиз олинаётганида оиласининг дини ва ахлоқи, яшаш тарзи яхши ўрганилиши керак. Албатта, қўни-қўшниларнинг айтганлари эътиборга олинади. Лекин қўшнининг ҳам ҳар хили бўлади. Бу ишда кўриниши чиройли қўшнилардан эмас, балки дини, ахлоқи гўзал одамлардан сўралади. Қиз берувчи ҳам куёвнинг дини, ахлоқини билиши шарт. Яхши суриштирмасдан тўйдан кейин “куёв бадахлоқ экан, куёв гиёҳванд экан”, деб вовайло айтишдан фойда йўқ. Суриштиришда ёлғон ишлатилмаслиги керак. “Айби бор, аммо тўйдан кейин тузатиб олар”, деб алдаш Ислом динимизга зид. Умуман динимизда ёлғон ишлатиб бўлмайди. Аммо икки ёшнинг тақдири ҳал қилинаётганда бунга алоҳида диққат қилиш керак.

Бу ўткинчи имтиҳон дунёсида бахт кишига ҳадеб кулиб боқавермайди. Бировнинг оти бўлса, араваси йўқ, араваси борнинг оти йўқ. Оила бахти ҳам шундай. Бугун эр-хотин ўзини бағоят бахтиёр хис этади, эртага эса акси. Оила бахтини бир дарахтга қиёс этсак, унинг икки ўқ илдизи бўлади. Бири эрнинг фазилатидан, иккинчиси хотиннинг хислатларидан сув ичади. Агар бу баробарлик йўқолса масъудлик дарахтининг умри қисқа бўлиб қолиши мумкин. Шу боис оила бахтини таъминлашда эрнинг масъулиятини яна қайта таъкидлаб, бир ривоятни эслаймиз:

Бир йигит гўзал ва оқила қизга ошиқ бўлиб қолди. Қизнинг ҳам унда кўнгли бор эди, унаштириб қўйилдилар. Аммо тўйдан аввал қиз хасталикка чалинди, юзларига чечакка ўхшаган нимадир тошиб кетди, табиблар унинг чорасини қила олмадилар. Оқибатда қиз аввалги гўзаллигини йўқотди ва йигитга турмушга чиқиш аҳдидан қайтди, ўзини дунёдан ёлғиз ўтишга ҳукм қилди. Иттифоқо йигит ҳам касалликка чалиниб, бир неча кун қимирламай ётди. Кейин оёққа турди-ю, бироқ кўзлари ожиз бўлиб қолди. Йигит қизга уйланиш аҳдидан қайтмади. Қиз ҳам ноилож кўнди. Икковлари шу тарзда анча йил бахтиёр умр кўрдилар. Вақти-соати келиб, аёл вафот этди. Унинг жанозасидан кейин эрнинг кўзлари кўр эмаслиги маълум бўлди. Бу ривоятдан мурод - оила бахти учун эр ҳам фидойи бўлмоғи керак.

Ҳар бир эркак номусли, ҳаёли қизга уйланишни истайди. Бу фазилатни қиз энг аввало ўз оиласида ўзлаштиради. Агар оиладаги ота-она тарбияли, одобли ва бир-бирларига хушмуомалали бўлишса фарзандлари ҳам улардан ибрат олиб, шундай фазилатлар эгаси бўладилар. “Онасини кўргину қизини ол”, деб бекорга айтмаганлар. Совчилар борган уйларининг ҳашаматига лол қолиб ўтирмасдан уй бекасининг саришталигига, муомаласига диққат қилсалар адашмайдилар. Агар ёдингизда бўлса, Абдулла Қодирий “Ўтган кунлар”нинг аввалидаёқ уйланиш машаққатидан сўз очадилар:

“-Манимча уйланишдек нозик бир иш дунёда йўқдир, - деди Раҳмат ва Отабекка юз ўгирди. -Уйлангач, хотининг табъингга мувофиқ келса бу жуда яхши; йўқса, мунчалик оғир гап дунёда бўлмас.

Отабек Раҳматнинг бу сўзини самимият билан қаршилади.
-Сўзингизнинг тўғрилигига шубҳа йўқ, - деди, - аммо шуни ҳам қўшмоқ керакки, оладирғон хотинингиз сизга мувофиқ бўлиши баробарида эр ҳам хотинга мувофиқуттабъ(таъбига мос) бўлсин.
-Хотинга мувофиқ бўлиш ва бўлмаслиқни унча кераги йўқ, - деди Ҳомид эътирозланиб, -хотинларға “эр” деган исмнинг ўзи кифоя... аммо жиян айткандек, хотин деган эрга мувофиқ бўлса бас.

Раҳмат кулиб, Отабекка қаради. Отабек ҳам истеҳзоли табассум ораси Ҳомидга кўз қирини ташлади..
-Уйланишдаги ихтиёримиз, - деди Раҳмат, - ота-оналаримизда бўлғанлиқдан, оладиган келинлари ўғилларига ёқса эмас, балки унинг ота-оналари ўзларига ёқса бас. Бу тўғрида уйлангувчи йигит билан эр қилғувчи қизнинг лом-мим дейишка ҳақ ва ихтиёрлари бўлмай, бу одатимиз маъқул ва машруъ ишлардан эмасдир. Масалан, мен ота-онамнинг ёқдиришлари билан уйландим.... аммо хотиним ота-онамға мувофиқ бўлса ҳам менга мувофиқ эмас. Сиз айткандек, эҳтимол мен ҳам хотинимга мувофиқ эмасдирман...”

Китобдаги бу сатрларни батафсил эслашимизнинг боиси, эътибор қилган бўлсангиз, ўтмиш ва бугунги кун ҳолатида ўзгариш кам. Орамизда Ҳомидга ўхшаб чакки фикрловчилар ҳам учраб турибди. Фарзандларини уйлантиришда уларнинг хоҳиш-истакларини инобатга олмаётганлар ҳам кўп. Демак бу хусусдаги баҳсларга чек қўйиш вақти ҳали келмабди.

Оила қурган кишини кеманинг ичига тушган одамга қиёслаш мумкин: кема денгиз ўртасига йўл олган. Денгизда эса пўртаналар мавжуд. Фарзандларнинг туғилиши бу кемани бошқаришни янада қийинлаштиради. Энди кема дарғасидан янада кўпроқ куч ва маҳорат талаб этилади.

Фарзанд туғилиши қувонч ва бахт келтириши билан бирга айрим оилаларда кутилмаган ташвишларни ҳам юзага чиқаради. Айниқса эр-хотин, қайнона-келин орасида келишмовчилик мавжуд оилаларда бола туғилиши билан вазият янада кескинлашади. Тўғрироғи, вазиятнинг кескинлашиши аёл ҳомиладорлигини сезган кунлардан бошланади. Маълумки, аёллардаги ҳомиладорлик жараёни бир хилда кечмайди. Айримлари бу жараёндан енгил ўтадилар, айримлари ғоятда қийналадилар, махсус муолажага ҳам муҳтож бўладилар. Ана шу пайтда оилада ҳам эр, ҳам қайнона, ҳам бошқа аъзолар томонидан ҳомиладор аёлга алоҳида меҳр ва шафқатли муносабатда бўлиш талаб этилади. Баъзи қайноналарнинг “шунга шунчами, менам ҳомиладор бўлганман, менам туққанман, бунақа талтайиб ётмас эдим”, дейишларини нодонликка йўйсак ранжимасинлар. Келинларнинг барчаси ҳам айёр эмасдир. Уларнинг вужуди қақшаса, қийналишса нима қилишсин? Келиннинг бундай азобли кунларида ақлли, инсофли қайнона унга ўз онасидай меҳрибонлик билан муомала қилиши керак. Эр ҳам хўжайинлик мартабасидан тушиб, меҳрибон йўлдош мақомини олиши шарт. Бола туғилгунига қадар аёлга моддий-маънавий шароит яратиб берилиши керак. Уни айрим оғир вазифалардан озод қилиш лозим. Эр сув сепмоқчи бўлган хотини қўлидан челакни олса, бу ёқдагилар кулги қилмасликлари зарур. Ҳомиладор аёлни айниқса асабийлашишдан эҳтиёт қилиш керак. Аёл кўп асабийлашса, мажбурий қийноқларга рўпара қилинса боланинг асабий касаллик билан туғилишини тиббиёт исбот қилиб берган. Демак, агар ҳомиладор аёлга яхши шароит яратиб берсак, аслида туғилажак фарзандимизга яхшилик қилган бўламиз. Фарзанд соғлом туғилса, ўзимизнинг бахтимиз-ку! Унинг хаста туғилишига ўзимиз сабаб бўлиб, кейин зир югуриб юришимиз Аллоҳ томонидан бизга ўша ёмонлигимиз учун берилган жазо эмасми?

Аёл ҳомиладорлик пайтида арзимаган гапдан ҳам ранжийдиган бўлиб қолади.

Қувноқ онларидан ғамгин дамлари кўпаяди. Агар бу қайғуси ҳаддан ошса бола ташлайди. Шу боис ҳам эркакларнинг бу даврда аёлларини авайлашлари хотинни эркалатиш дегани эмас, балки туғилажак болани авайлашдир. Аёлини ғам ва камқувватликдан эҳтиётлаш эрнинг бурчи. Аёлнинг баҳаво жойларда кўпроқ юриши, тез ҳазм бўладиган кучли овқатларни тез-тез ва оз-оз тановвул қилиши бизнинг оилалар учун камёб ҳодиса. Ҳомиладор келин қорни очса ҳам бошқаларнинг дастурхон атрофига ўтиришини кутишга мажбур. Ўзича овқатланса, уни очофатга чиқариб қўямиз. Кейин эса болани сақлаш учун шифохонага ётқизамиз. Агар келин кетма-кет икки марта бола ташласа, “бунинг пушти чатоқ экан, боламга бошқа хотин олиб бериш керак”, деган ҳаракатга тушиб қоламиз. “Келин ҳомиладор бўлганидан кейин унинг шароитини яхшилаш учун нима қилдик?” деб ўзимиздан сўрамаймиз. Агар келин камовқат бўлиши, кўп қайғуга берилиш оқибатида бола ташласа бунинг гуноҳи эр, қайнота-қайнона зиммасига тушади.

Никоҳнинг биринчи мақсади - одам наслини кўпайтиришдир. Шунинг учун ҳар бир одам бутун куч-қувватини авлодининг ҳимоясига қаратиши керак. Ҳеч бир ота-она боласини нобуд бўлишини истамайди. Она қорнида бола пайдо бўлганидан сўнг унинг ҳаёт-мамоти ота-онага боғлиқ бўлади. Шунинг учун ҳам улар болани нобуд бўлишига олиб келадиган ишларни қилмасликлари керак. Аёллар, айниқса эрлар болага зарар келтириши мумкин бўлган ташқи таъсирлар нималардан иборат эканини яхши билмайдилар. Масалан, тиббиёт фани маълумотига кўра, ҳомиладорликнинг иккинчи ойидан то тўртинчи ойигача кўп оналар бола ташлайдилар. Бунинг сабаблари қўрқув, камқувватлилик, оғир жисмоний ишларни бажариш, эр билан бирга бўлиш ва кўп қайғуриш бўлади. Оғироёқ аёлларни уйда ёлғиз қолдириш ҳам мумкин эмас. Тиббиёт илмининг тавсиясига кўра, ҳомиладорликнинг иккинчи ойидан бошлаб эркак аёлига яқинлашмаслиги керак. Агар ҳайвонлар оламини кузатсак, улар бу масалага қатъий амал қиладилар, ҳомиладор жуфтларига яқинлашмайдилар. Биз - одамлар шаҳватпарастликда ҳайвон-ларни ортда қолдириб кетганмиз. Бир неча дақиқалик нафс ороми учун фарзандимизни ҳам аямаймиз. Бола она қорнида тўрт-беш ойлик бўлганида висол онларининг зарари билан майиб бўлиб қолиш эҳтимоли кўпроқ бўлади. Бу зарарларни кўпчилик билмайди, билганлар эса амал қилмайди. Яхши баҳонамиз бор: Худо сақласин!

Ҳомиладор аёлга яхши шароит яратиб бериш ҳам ҳар бир оиланинг бурчи, ҳам жамиятнинг вазифаси. Бизда ҳомила етти ойлик бўлганда аёлга таътил берилади. Етти ойлик болани қорнида кўтариб, қийналиб ишлаб юрган аёлларни кўрсам ачиниб кетаман. Наҳот жамият уларга янада қулайлик яратиб беришга ожиз? Аёлларга таътилни ҳомила икки ойлик бўлганда беришнинг иложи йўқми? Албатта бу жамият учун иқтисодий жиҳатдан оғир муаммо. Бир ойда ёки бир йилда ҳал қилиб бўлмайди. Бу масалани босқичма босқич ҳал этиш мумкин. Масалан, ҳомила беш ойлик бўлганда тўла таътил бериш мумкин ёки маошини сақлаб қолган тарзда ярим кун ишлатса ҳам бўлади. Ёки бола туғилгандан кейинги таътилни қисқартириш ҳисобига ҳомиладорлик таътилига қўшиш мумкин. Ёки авваллари эркаклардан фарзандсизлик солиғи олинарди. Қизлар турмушга чиқмаган бўлишса олинмасди. Шуни бир оз ўзгартириш мумкин: қизлардан ҳам шундай солиқ олиб, уни худди пенсия жамғармаси каби ўзларининг жамғармаларига тўпланса, ҳомиладорлик даврида маош сифатида тўлаш мумкин бўлади. Хуллас, таклифлар кўп, энг муҳими “мумкин эмас”, деб рад этмасдан ҳаракат қилиш керак. Чунки бир аёлнинг ҳомиладор бўлиши, фарзанд кўриши бир оиланинг муаммоси эмас. Бу - жамият келажагига доир муҳим масала!

Фарзанд туғилганидан кейин эр ҳам хотин ҳам бир нарсани англаб олишлари керак: фарзанди туғилгунига қадар ҳар бир одам ўзи учун яшайди, туғилганидан кейин фарзанди учун яшайди. Бошқача бўлиши мумкин эмас. Яқинда бир даврада илмли биродаримиздан “Бир одамнинг хотини ва қизи бор. Хотинининг оғзидан ёмон ҳид келади. Даволатай деса, давоси йўқ экан. Ажрашмоқчи, шу тўғрими?” деб сўраб қолишди. Илмли биродаримиз ўйлаб ҳам ўтирмай “Тўғри, ажралиши керак, оғзидан ҳид келишини қиз тўйдан олдин айтиши керак эди”, деди.

Мен бу фатводан ранжидим. Агар оилада фарзанд бўлмаганда ажрашиб кетишса майлига эди. Лекин фарзанд тирик етим қоляпти-ку, наҳот буни ўйлашмаса?! Мен илм кишиси билан баҳслашишга ожизман, лекин бундай фатво беришларини тўғри деб ҳисоблай олмадим. Аввало, аёлнинг оғзидан келувчи ҳид тўйдан кейин пайдо бўлгандир. Бу кўпроқ ошқозон-ичак хасталиги билан боғлиқ. Лекин аёллар эрларидан шундай ҳид келса ажраб кетмайдилар-ку? Ҳам ароқ, ҳам тамаки ҳиди анқиб турган эркаклар билан баъзан ёнма ён ўтириб, беш-ўн дақиқага чидамаймиз, уларнинг аёлларига эса балли деймиз. Яна шу ўринда юзига яра тошиб, гўзаллигини йўқотган қаллиғига уйланиш учун кўзини ожиз қилиб кўрсатган инсоф эгаси ҳақидаги ривоятни эслайлик. Бизлар шундай танти, мард, олижаноб бўла олмаймизми? Бизлар ўз нафсимиз йўлида шу қадар тубанлашдикми?

Маҳалладаги қўйди-чиқдиларни ҳал қилувчи йиғинда бир эр хотинини талоқ қилганини айтиб “У менинг минталитетимга тўғри келмайди”, деб изоҳ берди. Маълум бўлишича, бу “минтелитет эгаси” Америкага ишга бориб келган экан. Агар йирик олим сифатида бориб келса-ю, “хотинимнинг савияси паст”, деса тушунуш мумкин. Америкада икки йил бир меҳмонхона зиналарини ювиш билан машғул бўлган экан, бу жанобнинг минталитетлари қандай бўлиши мумкин? Энг муҳими бу нодон жанобнинг уч фарзандлари бор. Бу фарзандлар туғилгунича минталитетлари қаерда эди? Ким нима деса десин, аммо жиддий сабабсиз болаларини тирик етим қилаётганларни айблашдан тоймаймиз. Фарзанд оилани бузишга сабабчи эмас, балки оилани сақлаб қолишга восита бўлиши керак. Хотинга чидай олмай қолган эр, эрига чидай олмай қолган хотин фарзандининг келажагини ўйлаб кўрса-чи? Эҳтимол шу уларни охирги қадамдан сақлаб қолар? Судда эр ҳам хотин ҳам фарзандни талашади. Фарзандни шунчалик яхши кўрар экан, шу боланинг бахти учун ўз нафсидан кеча қолса бўлмасмикин? Судда фарзандларини талашадилар. Кейин... янги оила қураётганларида уни болалар уйига олиб бориб берадилар. Бунга нима деймиз? Боласини тирик етим қилиб қўйганлар янги оилаларида наҳот ўзларини бахтли ҳис қила олсалар? Ота ёки она меҳрига ташна боланинг уволи уларни тутмайдими? Бу дунёда отасиз ёки онасиз, ёки ота-онасиз ўсган фарзандлари билан қиёматда юз кўришишганларида бола меҳр-шафқат ҳақини даъво қилса нима деб жавоб берадилар?

Қиёматдаги жавобга қадар ота ва онанинг жамият олдидаги бурчи бор. Қамалиб қолган ўсмирлар ҳаёти билан қизиқиб кўрганимда улар орасида ота-онаси, буваси ва бувиси тарбиясида улғайлаганлари оз эди. Ота-онасининг ажрашиб кетиши натижасида отаси ёки онаси меҳридан бегона равишда ўсганлари эса кўпчиликни ташкил қилар эди. Болалиги ёки ўсмирлигида жиноят йўлига кириб, сўнг бу оламда умрининг охиригача қолиб кетган фарзанд ота-онасини ҳаётлик давридаёқ куйдириб кул қилади. Бундай фарзанд ота-онаси вафотидан кейин уларни йўқлаб бирор марта дуо қилармикин? Бу ҳам бир масала. Дуоталаб руҳларнинг қиёматга қадар азобланиб, чирқираб туришидан Аллоҳ асрасин!

Аёллар ишлашлари керакми ё йўқми, деган муаммо бугунги кун оиласи учун муҳим бўлиб турибди. “Бугунги кун” деб таъкидлашимизнинг боиси, авваллари бундай муаммо бўлмаган. Аёллар уйда ўтирганлар. Бироқ, бу ишламаганлар, деган гап эмас. Аёллар уй юмушлари, фарзандлари тарбияси билан шуғулланишдан ташқари маълум бир ҳунар билан банд бўлганлар. Масалан, каштачилик, дўппичилик... каби. Ундан ташқари аёллар ишлаши керакми ё йўқми, деган масала фақат шаҳарга хос. Қишлоқларда бундай масала йўқ. Эркак далада кетмон чопиб, аёл уйда пашша қўриб ўтирмайди. Эр билан баравар ишлайди. Фарзанд тарбияси ҳам шу меҳнат жараёнида олиб борилади.

Хўш, бугун шаҳар оиласида аёл ишлаши керакми ё йўқми?

Бу саволга ҳар бир оила ўз шароитидан келиб чиқиб жавоб бериши зарур. Энг муҳими аёлнинг нима иш билан шуғулланишига жиддий эътибор бериш керак. Аёлларни оғир ва соғлиқ учун зарарли ишлардан эҳтиёт қилишимиз керак. Бугун биз аёлларни қурилишдами ёки заводдами оғир ишларни бажараётганини кўрамиз. Ҳатто далада тракторга ҳам миндириб қўйиб уни олқишлаймиз.

Аёлларни жисмоний оғир ва зарарли ишларда ишлашлари биз - эрлар учун уят эмасми?! Бу жамият йўл қўяётган хатолардан бири ҳисобланмайдими? Бухородаги сайёҳларга тарихдан ҳикоя сўзловчилар зардўзлик санъати ҳақида гапира туриб, “қадимда зардўзлик билан фақат эркаклар шуғулланганлар, аёлларни менсимаганлар, уларга ишонмаганлар”, деб изоҳ беришади. Бу нодонларча изоҳга сайёҳлар албатта ишонадилар. Ҳолбуки, у замонларда эрлар аёлларни эҳтиёт қилганлар. Аввало бу иш анча машаққатли. Иккинчидан, зардан турли чанг кўтарилади ва аёлнинг саломатлигига таъсир қилади. Яқинда бир биродаримизнинг аёли вафот этди. Шунда биродаримиз “аёлимни ишлатмасам бўларкан, барвақт ўлмас эди”, деб қолди. Унинг аёли босмахонада ҳарф терувчи бўлиб ишларди. У пайтлар “линотипчи” деган касб эгаси, яъни ҳарф терувчининг шундайгина ёнида қўрғошин қайнаб турарди. Ўша ишда орттирилган касаллик охири ўз кучини кўрсатди.

Бу масалада айрим биродарларимиз сал кескинроқ фикр ҳам билдириб “ишлайдиган аёлларнинг бузилишлари осонроқ бўлади”, дейишади. Бу фикрга қўшилиш қийин. Бузиладиган аёл уйида ўтириб ҳам бузилаверади.

Бошқа биродарларимиз ишламай уйда ўтирган аёлларнинг дунёқараши тор, савияси пастлашиб кетади, дейдилар. Бу ҳам бир ёқлама тўхтам. Дейлик бир хонада олти аёл ишлайди. Биттаси китобхон, бошқалари китоб деса, боши оғрийдиган тоифадан. Ўша китобхон аёл жаҳон адабиётидан гапирса, қолганлар эшитишадими? Эшитишмайди. Уларга бундан кўра ғийбат афзал. Ғийбатдан лаззатланишади. Оқибатда ўша китобхон аёлни ҳам ўз қаторларига қўшиб олишади. Агар уйда ўтирган аёлларнинг савияси паст бўлса, Зебуннисо бегим, Нодира бегим, Увайсий бегим...лар дунё адабиёти тарихига гавҳарлар тўкармидилар?

Ишлаш масаласини ҳал этишда ҳар икки томон кескин талаблардан воз кечиб, шароитдан келиб чиққан ҳолда муроса қилганлари маъқул. Бу масалада бир оила иккинчисига намуна бўла олмайди.

Энди оилага доир нозик масала ҳисобланган кўпхотинлилик хусусида фикр юритсак. (Аниқлик киритамиз: оиласи бузилиши натижасида талоқ бериб, сўнг иккинчи ёки учинчи марта уйланганлар эмас, балки айни бир вақтда икки ёки ундан кўп хотинга эга бўлувчилар назарда тутилади.) Русларда “Генерал бўлишни орзу қилмаган аскар аскар эмас”, деган мақол бор. Шуни сал ўзгартириб айтсак, иккита хотин олишни орзу қилмаган эр эр эмас, деган маъно чиқиши ҳам мумкин. Гарчи бу гап ҳазил тариқасида бўлса-да, лекин бундай орзу барча эрларда мавжудлигига ишонамиз. Айрим эрлар учун хаёл орзу бўйича қолиб кетади, айримлар эса орзуни амалга оширишга ҳаракат қиладилар. Камбағаллар учун бу муаммо йўқ, десак ҳам бўлар. Камбағал эрнинг иккинчи хотин олишга ҳаракат қилиши осмондаги қуёшни узиб олишга уринишдай гап. Чўнтакка тушган пул нафсни қитиқлайди. Бу нафсни қондириш учун мусулмон эрлар учун тайёр баҳона бор: Аллоҳ тўрттагача уйланишга ижозат этган. Эр қандай ҳолатларда хотинни кўпайтириш ҳаракатига тушади?

  • ўз хотини билан нафсини қондира олмаса, ташқаридан лаззат излайди.

  • ота-онасининг зўри билан уйланган хотини кўнглига ёқмайди, ўзига ёқадиганини истайди. Гўё “Ўтган кунлар”даги Ҳомиднинг маслаҳатига амал қилади: “Жиян, - деди Ҳомид Раҳматка қараб, - бошлаб уйланишинг албатта ота-онанг учун бўлиб, улардан ранжиб юришингни ўрни йўқ. Хотининг кўнглингга мувофиқ келмас экан, мувофиқини олиб, хотинни икки қил. Буниси ҳам келишмаса учунчисини ол. Хотиним мувофиқ эмас деб зорланиб, ҳасратланиб юриш эр кишининг иши эмас”. Бу маслаҳатга амал қилганларни биз “адашганлар” деб атасак ранжимасинлар.

  • Пайғамбаримизнинг, алайҳиссалом суннатлари деб иккинчи, учинчи марта уйланадилар. Ажабки, суннатга амал қилишни айнан шу соҳада бошлайдилар. Қолган ўнлаб суннатлар эса бажарилмай қолади. Бу биродарларимизда андак жоҳиллик бор. Бу борадаги суннатнинг маъносини яхши англаб етмаганлар. Чунки Пайғамбаримиз алайҳисалом нафсни қондириш учун эмас, беваларга меҳрибонлик қилиш учун уйланганлар.

  • биринчи оиладаги фарзандсизлик оқибатида бошқа турмуш қуришни ҳеч ким рад этолмаса керак.

  • ота-онасини беҳурмат қилувчи хотинни қўйиб, ҳурматлайдиганига уйланувчилар ҳам бор. Аммо иккинчи ёки учинчи хотин ота-онасини ҳурматлайди, деб ким кафолат беради? Эҳтимол ҳурматсизликда кейингилари аввалгисидан ошиб тушар. Балки “ота-онани ҳурмат қилмаслик” нафс талабини яширишдаги бир баҳонадир?

  • уйланишдан илгари зино қилган эр яна бегона аёлни қўмсайверади. Бу нафсини қондириш учун маблағи бўлса бирон қизни ёки жувонни шаръий никоҳига олади, пули камлик қилса, фоҳишаларнинг хизматидан фойдаланади.

Суриштираман, десангиз сабаб ва баҳоналар қайнаб чиқаверади. “Нечта хотин олган маъқул?” деган саволни кун тартибига қўйсак, бир хил жавоб ололмаймиз. “Ўтган кунлар”даги тоға-жиян баҳсини эслайлик:

“Раҳмат Отабекка кулимсираб қаради-да, тоғасига жавоб берди:
-Хотинни кўпайтириб, улар орасида азобланишнинг нима ҳикмати бўлсин? - деди. - Бир хотин билан муҳаббатлик умр кечирмак, манимча энг маъқул иш. Масалан, икки хотинлиқнинг биттаси сизми? Уйингизда ҳар куни жанжал, бир дақиқа тинчлиғингиз йўқ.
-Сенингдек йигитлар учун албатта битта хотин ҳам ортиқчалик қиладир, - деб кулди Ҳомид. -Кўб хотин орасида азобланиш ўзи нима деган сўз? Қамчинингдан қон томса, юзта хотин орасида ҳам

роҳатланиб тириклик қиласан. Мен бу кунгача икки хотин ўртасида туриб жанжалға тўйганимча йўқ, аммо хотинни учта қилишға ҳам ўйим йўқ эмас. ”

Ҳомидга ўхшаб фикр қилувчилар ҳозир ҳам топилади. Фақат айрим фарқлар бор. Чунончи: кўпхотинликнинг уйида ҳозир жанжал йўқ, чунки хотинлар бир уйда яшамайдилар. Ҳар бир хотинга алоҳида уй олиб берилади. Иккинчидан, қамчиндан қон томмайди, балки пул томиб туради. Пул томиб турар экан, жанжалга ўрин йўқ.

Устоз Абдурауф Фитратнинг мазкур масаладаги мулоҳазаларидан фойдаланиб фикрларимизни давом эттирамиз.

Одамлар аввал оила шаклида жам бўладилар ва бир неча оиладан бир қавм пайдо бўлади. Маълумки, бир қавмнинг ҳар бир оиласи саодатли ва бахтли бўлмасалар, ўша қавмни бахтиёр ва саодатли дейиш хатодир. Ҳамда оила аъзосидан бирортаси бахтли бўлмаса, ўша оилани бахтиёр дейиш ҳам нотўғри бўлади. Модомики, қавм оилалардан ва оила эса алоҳида одамлардан таркиб топган экан, “оздан кўпга” дегандек, айтиш мумкинки, ҳар қавмнинг саодати шу қавм оилаларининг бахтиёрлигидан ва ҳар бир оиланинг саодати шу оила аъзоларининг саодати ва бахтлилиги билан боғлиқ.

Нечта хотин билан яшаш масаласини шу нуқтаи назардан муҳокама қилиш ўринли. Бир нечта хотин билан яшаш оилаларни бахтли қиладими ё бахтсиз? Шу оила аъзоларига шодонлик келтирадими ёки бахтсизлик? Агар висол онлари ҳисобга олинса бу эр учун айни бахтиёрлик туюлади. Аммо кундош балоси билан сийланган хотин учун бу бахти қароликдир.

Дейлик, Фалончи Писмадон қизни никоҳига олди. Яъни ул бечорага саодат ва бахтиёрлик ваъда қилиб ҳаётининг бойлиги, яъни ёшлигини ўз тасарруфига олди. Икки-уч йил яхши яшайди. Уйланишдан мақсад бўлган икки-уч фарзанд вужудга келади. Аёлнинг таровати ва ёшлиги эрнинг муҳаббати ва меҳри йўлида сарф бўлгандан сўнг Фалончи жанобнинг шаҳвати уйғониб, ҳаракатга келади. Нафси ором топиши учун энди унга ўз хотини кифоя қилмайди. Бошқача қилиб айтганда, саодат ва бахтиёрлик умиди билан ёшлик айёмини эрининг орзу ҳавасларига адо қилиб, икки-уч фарзанд кўрган хотин ёнига янги хотин олади. Бу нима, дастлабки никоҳ онидаги ваъдага хилофлик ва хиёнат эмасми? Турмушнинг дастлабки кунлари, ҳафталари, ойларида ҳар бир эркак хотинига тилда бўлмаса ҳам дилида бахт тилайди. Кўнгли бошқасини тусаганда бу ваъда унутиладими?

Хуллас, Фалончи жанобимиз биринчи хотинларига айтибми ё яширин равишдами, ишқилиб уйландилар. Янги хотинга бутунлай берилиб кетишлари табиий. Биринчи хотин ва ҳаёти мевалари бўлган фарзандлари шууридан четлаша бошлайди. Табиийки, ўша хотин ва фарзандлар буни сезадилар ва жавоб тарзида унга бўлган муҳаббатларини йўқотадилар. Ундан ва янги хотинидан нафратланадилар. Вақт ўтиши билан янги хотиндан ҳам бир-икки фарзанд туғилгач, бу ўзаро нафрат янада кучаяди. Ваҳоланки, коинотда қайси иккита жинс бирга бўлса, муҳаббат натижаси экани маълум. Шундай экан, оила аъзолари орасида муҳаббат кўтарилса, вайронлик, тарқоқлик ва интизомсизлик келиб чиқади. Агар бу қўшхотин бир ҳовлида яшаса улар ва уларнинг болалари ўртасида кун сайин нафрат ошиб боради. Ёқалашиш юзага келади, Фалончи ўзини бахтсиз сеза бошлайди, фарзандларининг хулқи эса ёмон бўлиб бораверади. Юқорида зикр этганимиздек, ҳозирги кундошлар бир ҳовлида яшамайдиларким, бу қўшхотинлик жанобнинг мушкулини анча осон қилади. Аммо уйнинг алоҳидалиги биринчи оиласида ёнаётган нафрат ўтини заррача камайтирмайди. Биринчи оилани моддий жиҳатдан таъминлаб турса-да, унга нисбатан бўлган муҳаббат сақланиб қолмайди. Фарзандлари ҳам уни суюкли ота сифатида қадрламайдилар, балки моддий таъминотчи сифатида ҳурмат қилиб турадилар. Биринчи оила ўзини мустақил таъмин этадиган ҳолга етгач, отага бўлган бу ҳурмат ҳам сўнади.

Давлат қонуни қўшхотинлиликни ман этади. Ислом динимиз ижозат беради. Айрим европаликлар динимизнинг шу жиҳатини маъқуллайдилар. Эркак фоҳишахонага боргандан кўра яна битта хотин олиб покиза яшагани маъқул, дейдилар. Дарҳақиқат, қўшхотин олишнинг бу томони ҳам бор. Айрим эркакларда шаҳват иштиёқи кучли бўлади. Ўз аёли билан қўшилиш мумкин бўлмаган кезлари у кўчадан нажот излайди, гуноҳга ботади. Агар никоҳида яна битта хотин бўлса, бу гуноҳдан сақланади. Ундан ташқари бу ўринда аёлларнинг тақдири ҳам бор. Аввало, ўғил болалардан кўра қизлар кўпроқ туғиларкан, ундан ташқари турли уруш ёки фожиалар туфайли эрлар кўп қирилади. Демак, бир эрга икки ё уч аёл тўғри келади. Шундай экан, аёллар нима қилишсин?

  • ҳаром йўлга юрсинларми? Ҳаром бола орттирсинларми?

  • бировнинг оиласини бузиб, хотинидан бутунлай ажратиб, болаларини тириклай етим қилиб унга тегиб олсинларми?

  • ҳалол ва поклик, рози-ризолик йўли билан бир кишига никоҳланиб оила қурсинларми?

Албатта барчамиз шу учинчи йўлни маъқуллаймиз.

Қуръони Карим маъноларининг ўзбекча таржимасида ўқиймиз: “Агар етимлар ҳаққига хиёнат қилишдан қўрқсангиз, уларни ўз никоҳингизга олманг, балки никоҳлари шаръан тўғри бўлган аёлларни биттадан тўрттагача ўз никоҳларингизга олинг ва икки-уч аёл ҳаққига зулм

етгудек бўлса, бир хотин сизга кифоя қилади. Шу адолатдан оғиб кетмаганингиз яхшироқдир”. Нисо сурасида келган мазкур оятни ақлимиз етганча ўрганишга ҳаракат қилайлик. Тарихдан маълумки, жоҳилият даврларида аёллар ҳуқуқи бағоят даражада поймол қилинган. Бир эрга ўнлаб аёллар тутқун бўлган. Кейин эса урушлар туфайли кўп аёллар тул қолардилар. Динмиз ана шу аёллар тақдирини одилона ҳал қилиб беради.

Ояти каримадаги етимлар ҳаққига хиёнат қилишдан қўрқилса иккитами, учтами, тўрттами хотин олишга ижозат берилиши ўқиган одамга ғалати ва тушунарсиз туюлиши мумкин. “Тафсири ҳилол”да бу мураккаб масала яхши тушунтириб берилган. Имоми Бухорий Ибн Шиҳобдан қилган ривоятда шундай дейилган экан: “Менга Урва ибн Зубайр хабар бердики, у Оиша онамиздан “Агар етимларга адолат қила олмасликдан қўрқсангизлар”, ояти ҳақида сўраган экан у киши (розийаллоҳу анҳо) дебдиларки: “Эй жиян, бир етим қиз кафилнинг қарамоғида бўлади. Қиз унинг молига шерик бўлади. Қизнинг моли ҳам, жамоли ҳам уни ўзига тортади-да, унинг маҳрида адолатли бўлмай, унга уйланмоқчи бўлади. Унга бошқалар берадиган маҳрни бермоқчи бўлади. Бас, адолатли бўлмасалар, улар уйланишдан қайтариладилар, бошқа аёлларга уйланишга амр қилинадилар”. Демак, оятда “етимлар” дейилганда етим қизлар назарда тутилган экан.

Етим қизларга уларни ўз кафолатига - ҳимоясига олган киши уйланмоқчи бўлса-ю, аммо бу ишда адолатсизликка йўл қўйишдан қўрқса, ўша етим қизларга уйланишни қўйсинда, ўзига ёққан, никоҳи ҳалол бўлган бошқа аёллардан хоҳишига қараб иккитагами, учтагами, тўрттагами уйлансин. Агар хотинлари орасида адолат ўрната олмасликдан қўрқса, биттага уйлансин.

Етим қизларга адолатсизлик фақат мол-мулк борасида эмас, чунки оятда адолат мол-мулк билан қайд қилинмасдан, мутлоқ зикр этилгандир. Шунинг учун ҳар қанақа адолатсизликнинг юз беришидан сақланиш керакдир. Жумладан, эр бу қизга фақат моли учун уйланганда, ўзига нисбатан кўнгли бўлмаслиги мумкин. Ёки орадаги ёшда катта фарқ бўлиши натижасида оилавий ҳаётнинг ҳақиқий маъноси қиз ҳаётида ўз ифодасини умуман топмаслиги мумкин. Бу ҳам адолатсизликка киради.

Олимларимиз оятдаги “етимлар” сўзини шундай талқин қиладилар ва бунга эътироз қилиш қийин. Бизда улар билан баҳс юритишга етарли илм бўлмаса-да, шу хусусдаги тушунчамизни баён этишга журъат этамиз. Таъкид этамизки, бу фикр баҳс йўсинида эмас, балки бир банданинг ақли етган даражасидаги тушунчасидир. Билишимизча, Қуръони Каримда мавҳум кўрсатмалар берилмайди. Масалан, масхара қилишдан қайтарилган оятда эр ва аёллар алоҳида таъкид этилади. Ёки илм олиш ҳақида ҳам “илм олмоқлик муслим ва муслималар учун фарздир” деб буюрилади. Ёки “Ёсин” сурасини айрим тафсирларида “Антокия” шаҳри тилга олинади. Баъзи муфассирлар эса “Агар шу шаҳар бўлганида Аллоҳ уни ўз номи билан атарди”, дейишади. Аллоҳ билгувчидир. Нисо сурасининг биз ўрганаётган оятида ҳам “етим қизлар” деб алоҳида таъкид этилиши мумкин эди. Эҳтимол бу ўринда бошқа маънолар ҳам бордир? Яъни, етимлари билан бева қолган аёлларга меҳрибонлик қилишга даъват бордир? Яъни, етимларга меҳрибонлик қилинг, лекин ташқаридан туриб уларнинг ҳақини адо этишга кўзингиз етмаса, уларнинг оналарига, яъни беваларга уйланинг, деган маъно йўқмикин? Бизнингча, тўрттагача уйланиш ижозати нафсни қондириш учун эмас, балки айнан беваларни ўз паноҳига олиш учун бўлса керак. Бу ўринда Пайғамбаримизнинг (с.а.в.) кимларга уйланганларини яна бир эсга олсак жоиз бўлар.

Ким тўрттагача хотин олиши мумкин? Албатта бой одам. Камбағал орзу қилмаса ҳам бўлади. Демак, бу имтиёз фақат бойлар учунми? Юқорида кўпхотинлиликнинг фойдаси ҳақида ҳам айтиб эдик. Демак, хотини билан қўшилиш мумкин бўлмаган дамларда бой одам бошқага уйланиб, нафсини қондириши мумкин. Камбағал-чи? Унинг уйланишга пули бўлмагани билан, унда ҳам нафс бор, шаҳват бор. Ҳа, биз ундан сабрни талаб қиламиз. Бойга эса сабрнинг кераги йўқ.

Ояти каримадаги адолат қилишга эътиборни тортилиши бежиз эмас. Хўп, бугунги кунда қўшхотинлилар қандай адолат қилишади? Камина “Ўтган кунлар” романи ҳақида фикр билдириб, Отабек чин мусулмон йигит эди, иккинчи марта уйланиш ҳақида сўз чиққанда Кумушга маълум қилиб, ижозат олган, мусулмонлик бурчига риоя қилмаса улардан яширинча Зайнабга уйланиб олаверарди, деб ёзганимга айрим биродарларимиз эътироз билдириб дедиларки: “Иккинчи хотинга уйланиш учун биринчисидан рухсат олиш шарт эмас”. Дуруст, биринчи хотиннинг рухсати шарт бўлмаса, унга маълум қилиш лозимми ё йўқми? “Маълум қилгани дуруст”. Хўп, унда талаб қилинаётган адолат нима бўлади? Бугунги хотинларнинг кўпчилиги кундоши борлигини билмайди. Никоҳ яширинча ўқилади. Эр иккинчи хотини билан яширинча яшайди. Фақат хотинидан эмас, қариндошларидан ҳам сир тутади. Иккинчи хотини висолида маст бўлиш учун биринчисига “узоқ сафарга кетяпман” , деганга ўхшаш баҳона қилади. Яъни ёлғон гапиради. Бу ҳаракатда қандай адолат бўлиши мумкин? Адолат деганда кечанинг биринчи ярмида биринчи хотин билан, иккинчи ярмида иккинчи хотин билан бўлишгина назарда тутилмайди. Адолатнинг қамрови кенг. Шунинг учун ҳам адолат қила олмасангиз биттаси билан кифояланинг, деб буюрилди. Биз икки хотинлик биродарларимизни айбламоқчи эмасмиз, иккита хотин олиш мумкин эмас, деб таъқиқлаш ҳуқуқи бизда йўқ. Биз фақат икки ёки ундан кўп хотинга уйланган, ёки шундай фикрда юрган биродарларимизни Аллоҳнинг адолат хусусидаги огоҳлантиришини

унутмасликка чақирмоқчимиз.

Шу огоҳлантиришдан келиб чиқадиган маъно: уйланган эрнинг хаёлида иккинчи хотин олиш орзуси бўлса, адолат қилиш ёки қилолмаслигини аввалдан аниқ билмоғи даркор. Агар адолат қила олмаслик эҳтимоли кўпроқ бўлса, иккинчи хотинга уйланиш хаёлидан воз кеча қолганлари дуруст. Аммо икки хотин ўртасида адолат ва инсоф ўрната олса, уларнинг оғирлигидан чўчимаса, ихтиёри ўзида. Икки ёки ундан кўп хотин олишнинг шарти шу адолат ва инсофдир. Қўшхотинли эр шу ояти карима ҳукми ва виждони ҳукми ила фарз бўлган адолатни хотинлари ўртасида ўрнатишига мажбур. Яъни, еб-ичиш, кийим-кечак, уй-жой, эркак мажбуриятида ҳам бир хил муносабатда бўлиши шарт. Илгарилари қизиқ одатлар бўлган экан. Масалан, адолатга риоя этиш учун хотинлардан бири кундошига пул бериб, унинг навбатини сотиб оларкан. Ёки эрнинг ўзи бир хотинига ҳадя бериш билан рози қилиб, иккинчи хотинига бораркан. Аммо ўша даврлардаги Фақиҳлари буни маъқул кўрмай, пулни ва ҳадяни ўз эгаларига қайтаришни лозим билганлар. Адолатнинг бажарилиши вожиб экан, эр бўйнида у абадий қолади.

“Ҳар қанча уринсангизлар ҳам хотинларингиз ўртасида адолат қилишга (уларнинг барчаларига баробар меҳр кўсатишга) қодир бўлмайсизлар. Бас, бутунлай (суйган хотинларингиз томонга) оғиб кетиб, (кўнгилсиз бўлиб қолган) хотинингизни муаллақа каби ташлаб қўйманг (муаллақа аёл - эри бедарак кетган аёлдир. Эрим бор, деса - йўқ, беваман, деса - эри талоқ қилмаган). Агар (ўзларингизни ўнглаб Аллоҳдан қўрқсангизлар, албатта Аллоҳ мағфиратли, Меҳрибон Зотдир” (Нисо сурасидан).

Набий акрам (с.а.в.) марҳамат қиладиларки: “Агарда эрнинг икки хотини бўлса ва уларнинг олдиларида адолат қилмаса, қиёматда танаси яримта бўлғай” (Муҳаммад ат-Термизийнинг “Ал-жомеъ ус-сағир” китобидан).

Оила асосини муҳаббат ташкил қилишини айтиб эдик. Муҳаббатда адолатни ўрнатиш қийин, эр ҳамма хотинларини бир хил сева олмайди. Эр ёш ва гўзалроқ бўлган иккинчи хотинини биринчисидан кўра кўпроқ яхши кўради. Аллоҳ таоло эса хотинлар ўртасида адл ва инсоф ўрнатишни талаб этяпти. Нима қилиш керак? Ислом йўлидаги эрга Аллоҳ таълим берадики: “Ҳақиқатда инсоф юзасидан ҳамма хотинларингизни бир хил севмоқчи бўласизлар. Лекин муҳаббатда адолат ўрнатмоқ сизларнинг иқтидорингиз доирасидан чиқади. Шундай экан, кўпроқ севадиган хотинингизга камроқ майл қилинг, токи бошқа хотин ранжимасин. Севмайдиган хотинни муҳаббат ва ҳурмат чегарасида тутиб турингиз, аслида севмасангиз ҳам зоҳирда шундай муомала қилингки, у ҳам севади, деб ўйласин”.

Бу борада Расулуллоҳнинг (с.а.в.) хулқлари бизга ибратдир. Ҳазрати Пайғамбаримиз алайҳиссалом Оиша онамизни (р.а.) бошқа хотинларидан кўпроқ севганлар. Аммо хотинлари ўртасидаги адолат мезонига риоя қилиб айтарканларким: “Ё Аллоҳим, иқтидорим борича хотинларим ўртасида адолат қилурман. Аммо ихтиёримда бўлмаган нарсага мени гирифтор этмагин, яъни ҳаммаларини бир хилда сева олмайман, мени афв этгин, чунки менинг қўлимда эмас”. Ўз хотинларига қай даражада адолат қилиши лозимлигини билмай юрган эр учун Пайғамбаримизнинг, алайҳиссалом шу муборак гаплари кифоя қилар?

Имом Бухорий ҳазратлари ривоят қилган ҳадисда Оиша онамиз (р.а.) шундай дейдилар: “Пайғамбарнинг аҳволлари оғир бўлганда, улар менинг хонамда қолишлари учун бошқа хотинларидан изн сўрадилар. Улар рози бўлдилар”. Ислом динимиз кўп хотинлиликка шундай оғир шартлар билан ижозат беради. Шундай шартларга амал қилмай ёки аҳамият бермай икки ёки ундан кўп хотинга уйланган эрлар билиб қўйсинларки, уларнинг ишлари Қуръон ва ҳадисга хилофдир. Фарзандлари қалбига зулм қилганлари учун бу дунёнинг ўзида жазо олишларини унутмасинлар. Бу жазодан ташқари яна ҳисоб-китоб куни кутаётганини ҳам эсдан чиқармасинлар.

Ожиз ақлимизнинг хулосаси шуки, бу кунда ҳеч бир эр талаб қилинмиш адолат талабига жавоб бера олмайди. Шу боис битта хотинга кифоят қилсин ва қиёмат азобидан ўзини ҳимоят этсин.

Мавзу сўнгида кўпхотинлиликнинг жамиятга зарарини айтиб ўтмасак бўлмас. Тарихга назар ташласак, қудратли давлатларнинг парчаланиб кетганларига гувоҳ бўламиз. Нега шундай? Албатта бунинг турли сабаблари мавжуд. Шу сабабларнинг энг асосийси подшоларнинг шаҳват балосига учраганларидир, яъни тўхтовсиз ва беҳисоб уйланишларидир. Подшоларнинг хотинларидан туғилган фарзандлар расман ака-ука ҳисоблансалар-да, тож-тахтга ким ўтиради, деган муаммо кўтарилганида бу жигарбандликни унутганлар. Ҳеч бўлмаса Мўъмин мирзо фожиасини эслайлик. Мўъмин мирзо Бадиуззамоннинг ўғли, яъни аввал зикр этганимиз Ҳусайн Бойқаро ажрашган хотиннинг набираси. Ҳусайн Бойқаро бу набирасига Астробод вилоятини инъом қилган, кейин эса Ҳадичабегимдан туғилган ўғлига ҳадя этди. Оқибат Бобур мирзо ёзганларидай: “Муҳаммад Мўъмин мирзони анинг (яъни Ҳадичабегимнинг) саъйи билан ўлтурдилар”. Ҳусайн Бойқародан ўн тўрт ўғил ва ўн бир қиз қолган эди. Қизларни ҳисобга олмасак, бу ўғилларнинг қайси бири кўнглида тахт эгаллаш истаги бўлмаган? Амир Темур салтанатини кимлар ҳароб қилди? Темурзодалар...

Оила, эр-хотиннинг ҳуқуқлари, бир-бирларига меҳр-муҳаббатлари хусусида адоқсиз равишда фикр юритиш мумкин. Чунки ҳар бир оила - ўзига хос бир олам. Бу оламнинг эса ўзига хос олам-олам қувончлари, олам-олам ташвишлари, олам-олам муаммолари мавжуд. Бу муаммоларни шариат ҳукми асосида ҳал этиш эса оила бошлиғи - эрнинг бурчи. Биз шу муаммоларни ҳал этишда унга холис бир маслаҳатчи бўлишга уриндик халос. Энди дуога навбат келди:
-Ё Раббимиз Аллоҳ! Бизларга оила неъматини берганинг учун Ўзингга шукрлар қиламиз. Бир-бирларимизга иймонли солиҳ ва солиҳа, оқил ва оқила, вафоли, ҳаёли ёр бердинг, шукр, энди бир-бирларимиз орамиздаги меҳр-муҳаббатни зиёда, бардавом қил. Кимнинг оиласида тинчлик-тотувлик йўқ бўлса, эрнинг ҳам хотиннинг ҳам кўнгилларини Қуръон нурлари билан нурлантириб, хонадонларига осойишталик бер. Хиёнаткор эр ёки хотинларга инсоф бериб, уларни иблис йўлларидан Ўзинг қайтар. Меҳр-муҳаббат занжирлари узилай деб турган оилаларни Ўзинг асра. Ўзинг яратган бу муаззам ҳаётда тирик етимларнинг кўз ёшлари тўкилмагай. Ота-боболаримиздан қолган “Қўша қаринглар” деган хайрли дуо бор, бу дуоларимизни ижобат эт. Ёшларимиз онгига, қалбига оиланинг муқаддас экани ҳақидаги тушунча ва туйғуларни сингдир. Ҳар бир оилани турли балою офатлардан Ўзинг асра. Омийн, йа Раб ал-оламийн.

Энг яхши дўст

Мазкур бобда ўликни тирилтиргувчи дўст меҳри ва тирик қалбни вайрон этгувчи дўст хиёнатлари хусусида биргаликда фикр юритажакмиз, инша Аллоҳ.

Бир ажиб қушни кўз олдингизга келтирингким, унинг қалби Аллоҳга ишқ бўлса, қанотларидан бири ота-онага, иккинчиси дўстга муҳаббат ва вафодир. Дўстлик ҳақида, дўстликдаги вафо ва хиёнатлар ҳақида шу қадар кўп ривоятлар, ҳикматлар битилганким, барчасини тўплаб, нашр этилса дунёнинг қоғозлари етмас эҳтимол. Кишининг ҳаётида тиш ўтмас муаммолар кўп. Шулардан бири айнан дўст топиш, дўст танлаш муаммосидир. Киши умри давомида адаш йўлларда кўп қоқилади. Энг кўп қоқилиш дўст кўчасида бўлади. Киши ўлгунига қадар кўп дўст топмайди, аммо кўп дўст йўқотади. Нега шундай? Бунга ким айбдор? Кишининг ўзими ё дўстми?

Кўнглимиз ҳамиша вафоли дўст тилайди. Айни дамда кимдир бизнинг дўстлигимизга, садоқатли дўстлигимизга муҳтож. Бирорта дўсти бўлмаган одам дунёда яшамаса ҳам бўлади. Биз дўст деб юрганимиз душманлик чодирига бурканиб олса, азиятлар чекамиз, аммо ўзимиз баъзан билиб, баъзан билмай бошқа бир одамга душманлик қилиб юрганимизни англаймизми? «У ёмон одам, шунинг учун менга душман», деймиз. Эҳтимол ўзимиз ёмондирмиз, эҳтимол дўстлик бурчи нима эканини яхши англамагандирмиз, эҳтимол яхши дўст тарбиясини четлаб улғайгандирмиз?

Шу ёшимизга етгунча топган ва йўқотган дўстларимизни бу онда бир-бир кўз олдимизга келтирайлик. Уларнинг фазилат ва иллатларини эслайликда сўнг ўзимизга савол берайлик: «шу фазилат менда борми, бу иллатдан қутула олганманми?» Расулуллоҳ (с.а.в.) «Аллоҳ наздида энг яхши дўст деб одамларга доимо хайрли ишларни қилиб юрувчи кишига айтилади», - деб марҳамат қилганлар. Яъниким, дўстларнинг яхшироғи ҳамдамларини ўз шафқати соясида тутар ва карам эшигини улар юзига очиб қўяр, тилакларини ва ҳожатларини юзага чиқарар. Биз шундаймизми? Ёки дўст деб юрганимиз бир гуруҳ кишиларгагина яхшилик қилиш билан чекланамизми?

Саволлар кўп... Жавоб ўйлаш баробаринда ҳикматлардан қувват олайлик-чи...

Дўстликнинг аввали - танишмоқликдир. Таъбир жоиз бўлса, танишиш - дўстлик манзилига олиб борувчи бир йўлдир. Агар бу йўлдан тўғри бормай, пойонтир-сойонтир, эгри-бугри қадам ташланса, ғийбат, иғво, ҳасад ариқларидан сув ичиб турилса, ўртада душманлик пайдо бўлиши шубҳасиздир. Бир киши билан танишиб, уни дўстликка қабул қилишда ғоят эҳтиёткорона ҳаракат қилиш керак.

Дўст йўлидаги боғлардан бири - яхшиликни эътироф этишдир. Яъни дўстнинг дўстга қилган яхшилигини тан олишдир. Агар бу йўлда миннат дарахти соясида роҳат қилинса дўст манзилидаги кўшкка умид қилмай ортга қайтаверган маъқул.

Йўл бериш - табиийки, ҳар қандай аҳил дўст орасида тортишув бўлади. Шундай ҳолларда майда-чуйда нарсаларга ўралашиб, киши дўстдан ажраб қолиши ҳеч гапмас. Демак, икковдан бири йўл бериши шарт. Дўстлик оламида кибр қуёшидан баҳра олиш мукофоти - юлдузсиз тундир.

Хуш муомала - дўстлик боғидаги дарахтларга ҳаёт суви берувчи бир чашмадир. Ширинсўзлик, очиқ юзлик, гўзал ифода, тавозуъ, мулойимлик, тилни маъносиз беҳуда сўзлардан тийишлик каби гўзал хулқлардан хушмуомала ҳосил бўладиким, бу душманлик саҳросидан ёпирилажак офатлар йўлини тўсмоқликка қодир бўлур.

Дўстга муҳаббатнинг ҳақиқий таржимони ихлос саналади. Дўстга хайрихоҳ бўлиш, керакли вақтда унинг манфаати йўлида хизмат қилиш буни исбот этади. Муҳаббат ихлосга тескари эмас, аксинча уни қувватлайди, чунки икки дўст орасидаги муҳаббатдан мақсад - бир-бирларига манфаат етказиб ёрдамлашишдир. Агар икки дўстдан бирисининг кўнглидан бу чиқиб кетса, унинг муҳаббати фақат мунофиқлик, риёкорликдан иборат бўлиб қолади.

Бир киши пулга муҳтож бўлиб дўстининг уйига келди-да муродини айтди. Ҳижолатлиги туфайли дўстининг таклифини қабул қилмади, уйига кирмади. Дўст ичкари кириб айтилган пулни олиб чиқиб бериб, биродарининг кўнглини кўтарадиган, ҳижолатликдан ҳоли қиладиган оқил сўзларни айтди. Муддаоси ҳосил бўлган киши изига қайтгач, дўст уйига кирди-ю, йиғлай бошлади. Хотини «эрим кўпроқ пул бериб юбориб, ачиниб йиғлаяпти шекилли», - деган хаёлда «Бирор нарсани баҳона қилиб пул бермасдан қайтариб юборсангиз бўлмасмиди, энди пушаймонлигингиздан нима фойда?» - деб таъна қилди. Шунда дўст деди-ки:
-Йиғлаётганим сабаби сен ўйлаганча эмас, мени ғафлат босибди, дўстим пулга муҳтож бўлиб қолганини билмабман. У келиб сўрамасидан аввал ўзим бориб, мушкулини осон қилишим керак эди. Дўстнинг ҳожатидан бехабар мендай ғофилнинг дўстлигидан Аллоҳ рози бўлармикин?

Қарз сўраш жараёни дўстлик кўчасидаги оғир ва нозик муаммолардан, айни пайтда жиддий синовлардан саналади. Пул гўё ўткир қилич, дўстлик занжирларини узишга, дўстликнинг бузилмас иморатини барбод этишга ҳам қодир. Қарз сўраш бошланса заиф дўстлик иплари узилиб бораверади.

Бир одамнинг қадрдон уч дўсти, тақдир тақозоси билан уч шаҳарда яшар эди. У дўстларининг садоқатини синамоқни хаёл қилди. Аввал бирига хизматкорини жўнатди. Хизматкор хожасининг иши юришмай, қарзга ботганини айтди. Дўст уни юпатиб, у айтган қарзни тўлашга етгулик миқдордаги пулни бериб, изига қайтарди. Синовчи дўст биродарининг бу карамидан қувониб, хизматкорини иккинчи шаҳарга жўнатди. Иккинчи шаҳардаги киши ҳам дўстининг қарзга ботганини эшитиб ғоят қайғурди. Эртасига хизматкорнинг қўлига қарзни қоплайдиган ва яна ўн йил давомида тирикчиликка асқотадиган маблағ бериб жўнатди. Синовчи дўст бундан ҳам қувонди, шундай дўстларни берганига Аллоҳга шукрлар қилди. Учинчи шаҳарга жўнатишдан олдин хизматкорига қаттиқ тайинлади:
-Бу дўстим бадавлат эмас, ўзи олим одам. Унда илмдан бошқа нарса йўқ. Шу сабабли «хўжайинимнинг аҳволи хароб, катта қарзга ботган», деб ваҳима қилма. «Ишлари ёмон эмас, фақат беш тангагина қарзлари бор, Худо хоҳласа яқин кунларда қарздан қутилиб, ишлари авж олиб кетади», - дегин.

Хизматкор олим дўст ҳузурига бориб хожасининг буюрганини билдирди. Олим дўст бу хабарни эшитиб, бошини эгди. Сўнг ўрнидан туриб, ташқарига чиқди. Хизматкор ўтирган уйига назар солди: йиртиқ палосу эски кўрпачадан бошқа ҳеч вақо йўқ экан. «Ҳеч бўлмаса беш тангаси бордир», деб ўтирганида уйга нотаниш одам кирди-да:
-Хожаси беш танга қарз бўлиб қолган хизматкор сенмисан? - деб сўради.
-Ҳа, - деб жавоб берди хизматкор.
-Мана сенга беш танга, буни шу уй эгаси бериб юборди.
-Ўзлари қанилар?
-Ўзи меникида. У қул бозорида ўзини менга беш тангага сотди.

Бу гапдан хизматкор ҳам ажабланди ҳам даҳшатга тушди. Қулдорга эргашиб унинг уйига борди ва олим дўст қаршисида тиз чўкиб:
-Ундай қилманг, пулни қайтариб берайлик, - деб ялинди.
-Мен бу одам билан шартлашиб, беш танга эвазига беш йил ишлаб беришга ваъда берганман. Ваъдамга хилоф қила олмайман. Дўстимни муҳтожликдан қутқариш учун беш йил ишлаб бериш мен учун ҳеч гап эмас, - деган экан олим дўст.

Мазкур ривоятни бир даврада ҳикоя қилиб берганимда кимдир деди-ки:
-Ўша синаётган одам бу биродарининг қашшоқлигини билар экан, ўзи унга ёрдам берса бўлмасмиди?

Бу саволда ўзимиз учун икки ибрат бор:
-олим ўзини қашшоқ санамайди, чунки унинг илми бор. У илмни ҳар нарсадан устун қўяди, биродарининг ёрдамини қабул этмайди. Бадавлат биродарлари ҳисобига яшаса у олим бўлмайди. (Шу ўринда ўтмиш совет жамиятида ёшларга ибрат қилиб кўрсатилган Маркс ва Энгельс дўстлигидан бир воқеани эслайлик: Қаллиғи вафотидан қайғурган Энгельс бошқа шаҳардаги дўстига бу фожиани хабар қилиб хат ёзади ва бу мазмунда жавоб олади: «Тирикчиликка пулим қолмади, менга пул юбор».)
-бошқани синамоқчи бўлган одам аввал ўзини синаб кўриши керак.

Бу дунёнинг одамлари бир-бирларига маҳрам бўлишни истасалар дўстлик йўлида ўз азиз жонларини ҳам аямайдилар. Бундай одамлар садоқатли асл дўстлардир. Лекин бу дунёда шундай тоифа одамлар ҳам борки, улар ёлғиз ўз вазифаларини яхшиламоқ, қўлга бир нарса киритмоқ, яхши кун кечирмоқ учун дўст бўладилар. Бундай одамлар мол-давлат дўстларидир. Улар қушларни тўйдириш учун эмас, тутиш учун дон сепадиган овчига ўхшайдилар. Дўсти учун жонини фидо этадиган одамларнинг қадр-қиммати молини фидо этувчидан жуда ва жуда юксакдир. Ривоятдаги олим дўстни ана шу юксак мартабада кўрамиз.

Дўстлар икки хил бўладилар: биринчилари - ўз ихтиёрлари билан самимий дўст бўлганлар. Иккинчилари - мажбурият ва зарурият юзасидан аҳду-паймон боғлаганлар. Буларнинг мақсади фойда кўрмоқ ва зарардан қочмоқдир. Лекин самимият ва садоқатга асосланган дўстлик ҳамиша, ҳар ерда ва ҳар шароитда ишончли бўлади. Зарурият ва мажбурият натижасида пайдо бўлган дўстлик эса ундай бўлмайди. У дарё каби гоҳ тошиб, атрофни босади, гоҳ қуриб, суви озайиб қолади. Зарурият юзасидан пайдо бўлган дўстликка ишониш дуруст эмас. Зарурият ўртадан кўтарилиши замон дўстлик адоватга айланиши эҳтимол. Демоқчимизким, олим агар зарурият туфайли дўст бўлганида ўзини беш тангага сотмас эди.

Қарға, оҳу, сичқон ва тошбақа дўст эдилар. Иттифоқо оҳу йўқолиб қолди. Қарға осмонга учиб, уни қидирди. Қарасаки, оҳу овчининг тўрига ўралиб, азоб чекиб нолалар қиляпти. Қарға сичқонни фожиа ерига бошлади. Сичқон тўр арқонларини қирқди, оҳу озод бўлди. Шунда оҳу дўсти тошбақага қараб, ажабланиб сўради:
-Сен нега келдинг? Овчи бу ерга қайтса, сичқон, тешикка кириб беркинади, қарға осмонга кўтарилади. Тўрдан қутулдим, энди мен ҳам қочиб қутула оламан. Сен-чи?

Тошбақа бу гапни эшитиб бошини чайқаганича дебди-ки:
-Биродар, қандай қилиб келмайин? Дўстлардан узоқда, фироқ ва ҳижронда кечган ҳаётнинг нима лаззати бор? Қандай ақлли одам айрилмоқни афзал кўради? Бахтсизлик юз берганида одамга тасалли берадиган, оғир кунларингда дардингни енгил қиладиган дўстлар билан бирга бўлиш лозим. Ҳижрон ўтида ёнган, дўстлардан узоққа тушган одамнинг дили ҳамиша ғам ва алам билан тўла, сиҳатлик унинг вужудидан йироқ бўлади. Сабр ва қаноат уни тарк этади. Ақл ва камолот ўз кучини йўқотиб, фойдасиз бўлиб қолади... Дўстдан ажралишдан ҳам оғирроқ мусибат борми дунёда? Фироқ алангаси етти дарёни қуритади...

Ривоятдан олинажак фикр шуки, шижоатли ва кучли ботирлар урушда, хотин ва фарзандлар камбағалликда, дўстлар бошга кулфат тушганда таниладилар.

Ҳайвонлар дунёсини тарк этиб, ўзимизнинг ҳаётга назар ташлайлик-чи, нималарни кўрар эканмиз:

Бир йигитнинг бошига иш тушиб, бойлигидан ажралди, ўзи эса қамалди. Шунда унинг хотини ҳар ҳафтада ошхўрлик қилувчи улфат-дўстлардан ёрдам кутди. Дўст қамоқда, ошхўрлик ўша-ўша давом этарди. Ошхўр улфатлар болаликдан бирга катта бўлган ўртоқларини эслаб қўйиш билан дўстлик бурчларини адо этардилар гўё. Тўғри, улар сичқон каби тўр арқонларини қирқиб дўстларини тутқунликдан қутқара олмайдилар. Аммо фақат одам боласига хос фазилат -тутқунликдаги дўстнинг ота-онаси, оиласидан хабар олиб туриш-чи? Қамоқдаги дўстнинг хотини эрини қутқариб олиш умидида елиб-югурарди. Иттифоқо автомашинаси бузилиб қолиб, эрининг энг яқин дўсти ҳисобланган одамникига бориб илтимос қилди:
-Кунда беш-ўн идорага учрашишга тўғри келяпти, машинасиз улгура олмайдиганга ўхшайман. Темирни қизиғида босмаса, армонда қоламиз шекилли. Машинангизни икки-уч кунга бериб турсангиз.

Дўст хотиннинг илтижосига жавобан шундай деди:
-Биров менинг хотинимни сўраса бериб туришим мумкин, аммо машинани бериб тура олмайман.

Тўғри, машинани бировга бериш қонунга зид, дерсиз. Лекин кўнгил тоза бўлса шу машинани «ишонч қоғози» билан ҳам бериб туриш мумкин-ку? Ёки агар у чин дўст бўлса «бир-икки кун эмас, қанча лозим бўлса ўзим машинам билан хизматингизда бўламан», демасмиди? «Улфат», «ошна» деган тушунчалар бор. Чойхонадаги ошга ёки уйдаги «гап»га келмаганлардангина қиламиз, бундай улфатга қўшилмаганлардан ҳатто нафратланамиз. Аммо қўполроқ бўлса ҳам бир ҳақиқат бор: от ва эшак бир оҳурда хашак есалар ҳам дўст бўлмайдилар.

Бир одамнинг афсус билан айтиб берган ҳикоясига сиз ҳам гувоҳ бўлинг: икки йигит. Иккови ҳам бадавлат отанинг эрка фарзанди. Бирига отаси «Мерседес» инъом этиб, улфатда «ювилди». Зиёфатдан қайтишда уларнинг бири ҳалокатга учради: машинаси пачоқ бўлди, ўзи оғир жароҳатланди. Унинг изидан келаётган дўст - янги «Мерседес» эгаси тўхтади. Дўстининг аҳволини кўриб, машина тўхтата бошлади. Бу воқеани ҳикоя қилаётган одам машинасини тўхтатганда йигит: «дўстимни шифохонага олиб боринг, мен изингиздан етиб бораман», деб пул тутқазди. У одам эса «Бу қонга беланиб ётган йигит дўстингиз экан, ўзингизнинг машинангиз бор экан, ҳар нафас ғанимат-ку, нега ўзингиз олиб бормай, машина тўхтатмоқчисиз?» деб сўраса «дўст» дебди-ки: «Ие амаки, менинг машинам янги-ку, уни ўтқизсам қон бўлади-ку?»

Бу ҳикояга изоҳ шарт бўлмаса керак. Яна бир воқеа хусусида эса эҳтимол баҳслашишга ҳам тўғри келар. Аммо ундан аввал ибрат сифатида бир масал билан танишсак:

Бир хушманзара, ажойиб чаманзордаги баланд дарахт устида қарғанинг ини бор эди. Бир куни овчи шу дарахт атрофига дон сочиб тўр ёйди. Қарға буни кўриб ўйланди:
-Бу одам бир балони бошлаяпти. Кимни тўрга солиш қасдида экан? Мени тутмоқчими ё бошқаними? Ўз жойимда қимир этмай турай, қани нима бўлар экан?

Шу онда кабутарлар учиб келдилар. Уларнинг бошлиғини Чинкабутар дер эдилар. У ғоят зеҳнли, чаққон эди. Кабутарлар донни кўргач, эҳтиёткорликни унутдилар ва тўрга илиндилар. Кабутарлар патиллаб, жонларини халос қилиш учун бир-бирларига урилавердилар. Шунда Чинкабутар деди:
-Ваҳимага тушманглар. Ҳар бирингиз ўзингизни эмас, ҳамманинг бараварига халос бўлишини ўйланглар. Биз бараварига парвоз қиламиз.

Кабутарлар унинг айтганини бажариб кўкка кўтарилдилар. Овчи уларнинг ортидан югурди. Қарға эса ўз-ўзига деди:
-Мен буларнинг ортидан бориб, иш нима билан тугашини кўрай, чунки шундай ташвиш эртами кечми менинг бошимга ҳам тушиши эҳтимол. Бошқаларнинг бошига тушган ҳодисадан ўзи учун ибрат олганни ҳушёр ва фаросатли дейдилар.

Овчининг изма-из югуриб келаётганини кўрган Чинкабутар ёронларига деди:
-Бу сурбет овчи биздан воз кечадиганга ўхшамайди. Агар кўзидан ғойиб бўлмасак, биздан кўнгил узмайди. Очиқ жойга эмас, дарахтзорларга бориб қўнайлик, шунда у бизларни топа олмай изига қайтиб кетади. Шу яқин орада менинг бир сичқон дўстим бор, унга айтсам бу тўрни қирқади ва биз озод бўламиз.

Кабутарлар у айтган томонга учдилар. Овчи уларни йўқотиб, изига қайтди. Қарға эса улар изидан учиб бораверди. Чинкабутар айтган дарахтзорга учиб келдилар. Сичқонни чақирдилар. Исми Зийрак бўлган бу сичқон жуда ақлли ва чаққон эди. Бирор фалокат юз берса қочиб чиқиб кетиш учун инидан анчагина тешикчалар очиб қўйган, бир неча кунга етарли озуқа ҳам ғамлаган эди. Дўстининг аҳволини кўриб Зийракнинг кўзлари ёшланди. “Сени ким бу аҳволга солди?”-деб сўради. Чинкабутар дўстига шундай деди:
-Яхшилик ҳам ёмонлик ҳам тақдирдан. Кимнинг пешонасига нима ёзилган бўлса, эртами кечми, шу нарса унинг бошига келади, ундан қочиб қутулиб бўлмайди... Қисмат бизни бу бало гирдобига солди. У бизга дон кўрсатиб кўзимизни боғлади ва ақлимизни қора пардага чулғади. Ҳаммамиз бало занжирига банди бўлиб, бахтсизлик чангалига тушдик. Мендан кўра қувватлироқ ва шаън-шавкатлироқ бўлганлар ҳам қисматдан қочиб қутула олмаганлар. Вақти-соати келганда кун ва ой тутилади, балиқ дарё тагидан юзага қалқиб чиқади, қуш осмон бағридан ерга тушади, нодонлар мақсадга етади, ақллилар ожиз қоладилар.

Зийрак бу сўзларни эшитгач, Чинкабутарни ўраб турган тўр ипларини қирқа бошлади.
-Аввал дўстларимни ўраб турган ипларни қирққин, - деди Чинкабутар. Зийрак унинг гапига эътибор қилмади. Шунда Чинкабутар унга ялинди: - Эй азиз дўстим, сен биринчи галда ўртоқларимни банддан озод қил.
-Сен ўз жонингни халос этишни истамайсанми, яшашга сенинг ҳаққинг йўқми? - деди Зийрак.
-Мен уларга раҳбар бўлишни ўз зиммамга олганман,-деди Чинкабутар. - Шунинг учун уларнинг менда ҳақлари бор. Уларни асраш менинг бурчимдир... Бунинг устига мен уларнинг ҳаракати ва ёрдами туфайли овчининг таъқибидан халос бўлдим. Энди мен ҳам ўз бурчимни адо этиб, ўзимдан аввал уларни қутқазишим керак. Яна шуниси борки, сен мени ўраб турган ипларни қирқа бошласанг чарчаб қолишинг ва оқибатда дўстларим тўрдан қутула олмай ҳалок бўлишлари мумкин. Лекин мен тўрда эканман, сен қанчалик чарчамагин, барибир, мени бу тўрда қолдирмайсан. Тушунгин, ҳаммадан олдин ўзимни қутқарсам, умрим таъна ва маломат тамғаси остида ўтади. Мен бунга чидай олмайман.
-Бу мурувватли ва инсофли одамларнинг хосиятидир. Бу хосият дўстларнинг сенга бўлган ишончи ва муҳаббатини янада мустаҳкамлайди, - сичқон шундай деб бошқа кабутарларни ўраб турган ипларни қирқа бошлади. Шу тарзда кабутарлар озод бўлиб, Зийракка миннатдорлик сўзларини айтдилар-да, учиб кетдилар. Бу воқеани кузатиб турган қарға эса сичқоннинг маҳоратига қойил бўлиб, “кабутарлар бошига тушган ташвиш менинг бошимга ҳам тушиши мумкин, менга бундай дўст бугун бўлмаса эртага керак бўлиб қолади”, - деган фикрда у билан дўстлашмоқни истади. Пастга тушиб сичқонни чақирди ва мақсадини айтди. Сичқон унга деди:
-Сен билан менинг ўртамда ҳеч умумийлик йўқ. Бинобарин, дўст бўлишимиз ҳам мумкин эмас. Нодонлар аҳволига тушмаслик ва ҳикмат аҳлига калтафаҳм бўлиб кўринмаслик учун ақл эгалари мумкин бўлмаган нарсаларни орзу қилмасликлари керак. Қуруқликда кемадан, денгизда эса отдан фойдаланишни истаганлар ўзларини кулгили ҳолга солган бўладилар. Сен билан менинг орамизда қандай муҳаббат бўлиши мумкин? Ахир мен сенинг таомингман, демак, сенинг ёнингда бир лаҳза бўлса-да, тинч ва бехавотир яшай олмайман. Кимки ўз тенги билан бўлмаса охирда пушаймон ейди...

Энди ваъда қилганимиз яна бир воқеа:

Болаликдан бирга катта бўлган икки дўст тижорат билан шуғулланмоқчи бўлишди. Бири қаердандир арзон-гаровга шампан виноси олиб, харидор топиш мақсадида бозорга келишди. Машина эгаси бўлмиш дўст дўкондор билан савдолашмоқ мақсадида ичкари кирди. Иккинчиси кўчада қолди. Ўзича савдо қилиб кўрмоқчи бўлиб, машинадан уч-тўрт шиша вино олиб кўчанинг ўзида сотувга қўйганда милиция ходимларининг қўлига тушди. Дўкондан чиққан машина эгаси дўстининг бу аҳволини кўргач, «мен бу одамни танимайман», деб жўнаб қолди. Уни қутқаришга ҳаракат ҳам қилмагани дўстга хиёнат эмасми? Виждонан қаралса шундай. Лекин масалага иқтисодий томондан ҳам қараш бор экан. Дўстлар даврасида, яъни «улфат гап»ида бу воқеадан хабар топганлардан бири биринчи дўстни айблади. Аммо у дўст айбига иқрор бўлмади. «Мен унга кўчада сот, дедимми? Ўзининг ахмоқлиги учун ўзи жавоб бериши керак», - деди. Орада баҳс бошланганида тижорат илмидан яхши хабардор дўстларнинг бири орани очиқ қилди. «Бу дўстимиз кетиб қолиб тўғри қилган, - деди у, - агар шу менинг дўстим деса, милиса уни ҳам ушларди. Милисадан қутилиш учун икки ҳисса пул тўлаш керак бўларди».

Сиз бу ҳукмга қандай қарайсиз?

Иқтисодий манфаат бор жойда дўстликка ўрин йўқми? Дўстлик ўрнини бевафолик эгаллайдими? Эҳтимол саволимизга бу ривоят жавоб берар? Маълумингизким, бевафо дўстлар ҳақида кўп ривоятлар битилган. Қадим фозилларидан бирининг ҳикояси билан танишсак:

“Хоразмга сафар қилганимда бир киши менга йўлдош бўлди. Уни едириб-ичириб юрдим. У эса менга нисбатан бўлган муҳаббатини, самимий дўстлигини тинмай сўзларди. Йўлда бизга бир ит ҳам ҳамроҳ эди. Овқат қолдиқларини мен итга бериб турардим.

Йўлда икки ўғри бизга ҳужум қилди. Йўлдошим ўғриларни кўрибоқ, мени ёлғиз ташлаб қочиб кетди. Ит эса мени ҳимоя қилди. Бир ўғрининг оёғидан тишлаб йиқитди, талади, оқибатда ўғри аранг қочиб қолди. Иккинчи ўғрини мен ўзим мағлуб этдим. Шундай қилиб, итнинг ёрдамида ўғрилардан қутулдим. Ҳамроҳим ўғриларнинг қочганини кўриб ёнимга қайтди, риёкорлик қилиб, ҳолимни сўради. Мен эса “Сен каби дўстдан шу вафоли ит яхшироқ”, деб уни ёнимдан нари қувдим.

Бизнингча, иймонга суянмаган биродарликда яхшилик йўқдир. Бу отасининг мол-мулкини совурган шаҳзодани эслатади. Дейдиларким, бир шаҳзода отасининг вафотидан кейин юртни идора қилишни унутиб, дўстлари билан айшу-ишратга берилибди ва тез муддатда хазинани кўкка совурибди. Бу ҳолдан хабар топган бир қариндоши вазиятдан фойдаланиб, мамлакатни босиб олибди. Подшоҳликка ҳаваси йўқ шаҳзода бунга парво қилмай тожу-тахтни топширибди-да, ўзи ўша текинхўр дўстлари билан ялло қилиб юраверибди. Охир-оқибат бор-йўғидан ажраб, кафангадо бўлгач, эски ёр-дўстларидан бирортаси унинг ҳолидан хабар олмабди, аксинча барчаси ундан юз ўгирибди. Шаҳзода ҳар куни бозор бошига чиқиб ўтирар, отасининг содиқ ғуломларидан бири унинг қорнини тўйғизар экан. Бир куни собиқ дўстлари уни мазах қилиш мақсадида зиёфатга таклиф этишибди. Ҳаммалари кайфу сафога берилганларида ит келиб гўштни кўтариб кетибди. Дўстлар “Бу шаҳзоданинг иши, неча кунлардан бери гўштнинг афтини кўрмагани учун кўзи очлик қилиб яшириб қўйган”, деб маломатлар қилишибди. Шаҳзода “гўштни мен олганим йўқ”, деб қанча онт ичмасин, ишонишмабди. Маломатдан эзилган шаҳзода паришон ҳолда дўстлари даврасидан чиқиб кетиб, қон-қон йиғлабди. Унинг бу ҳолини кўриб қолган энагаси “Болажоним, сенга нима бўлди?” - деб сўрабди. Шаҳзода аҳволини баён қилибди. Шунда кампир подшоҳнинг васиятини етказиш вақти келганини англаб шаҳзодага учта мактуб берибди. Биринчисида айтилишича, фалон ердаги каптархонага ўн минг тилла яширилган экан, иккинчи мактубдаги баёнга кўра фалон шаҳардаги фалончи исмли кишига ўн минг тилла бериб қўйилган экан. Учинчи мактубда пистон шаҳардаги пистончи исмли кишига ўн минг тилла танга омонатга бериб қўйилгани билдирилган экан. Шаҳзода бу пулларни олиб, бировга муҳтож бўлмасдан яшай бошлабди. Унинг ишлари юришиб қолганидан хабар топган эски жўралари яна хира пашшадай пайдо бўлишибди. Шаҳзода бир куни уларни зиёфатга чорлабди. Улар келгунга қадар тоштарошни чақиртириб, катта бир тегирмон тошини илма-тешик қилиб тешдириб, кўзга кўринарли жойга қўйибди. Зиёфатга келган жўралар бу тошни кўриб, “унда қандай ҳикмат бор экан?” деб ажабланишибди. “Отам замонида, - дебди шаҳзода, - арабистонлик одам бир талай чумоли олиб келган экан. Ўша чумолилар шу тошни илма-тешик қилиб ташлашибди”. “Шундай бўлгани аниқ, - дейишибди жўралар, - биз ҳам шунақа чумолилар борлигини эшитганмиз”.

Бу сўзларни тинглаган шаҳзода ўзича шундай дебди:

“Ана халос, бир бурда гўшт учун ўша куни қанча қасам ичсам ҳам, буларнинг ҳеч қайсиси менга ишонмаган эди. Ҳозир ақл бовар қилмас ёлғонни айтсам, барчалари тасдиқлаб ўтиришибди. Демак, буларнинг барчаси яхши кунимдагина пайдо бўладиган дўстлар экан. Менга эса ёмон кунимга ярайдиган, ноним учун эмас, жоним учун дўст бўлувчилар керак...”

Одамнинг ҳаётда дўстлари кўпдай туюлади. Аммо ўзини дўст деб юрганларнинг юздан саксони манфаат дўстлари, десак фикримизга қўшиласизми? Биласиз, қоғоз пулларнинг, ҳатто дуру жавҳарларнинг сунъийлари, қалбакилари учраб туради. Уларни махсус мосламалар саралаб беришади.

Ҳаётда сохта дўстларни саралайдиган мослама йўқ, ҳар ким ўз зеҳни, ҳаётий тажрибасига қараб ажратиб олади-ю, аммо ажратиб олгунича кўп азиятлар чекиши ҳам мумкин. Ҳаётда учраб турадиган таҳликали ва мусибатли кунларнинг фойдали томони шундаки, бир-бирларини танимаган одамларнинг танишиб, дўст бўлишларига йўл очиб беради. Айни чоқда дўстнинг садоқатини синайди. Дўстларга манфаат етказмасдан улардан манфаат кутиш, ерга уруғ сепмасдан туриб, дон олишни тамаъ қилиш каби маъносиздир. Машойихлар “Киши ёндирмайин суҳбатда шамни, ёруғликнинг нишонин кўролмас”, деб бежиз айтмаганлар. Саъдий Шерозийдан бир ҳикмат бор: “Бир азиздин ихвони сафо сийратидин сўрдим, яъни қариндош ва ақрабо ва ошнолар ҳақида на тариқа равиш ва на янглиғ иш қилмоқ муносибдур?” Ул азиз деди: “Адноси улким, ёрларнинг хотири муродни ўз муродидан муқаддам тутғайларким, ҳакимлар ва донишмандлар дебдурлар: “Ҳар биродарким, ўз ишининг бандидадур, биродар эмастур”. Дейилмоқчиким, дўстларнинг муроду манфаатларини ўз манфаатингдан устунроқ қўй, агар киши фақат ўз мақсадлари ва ишлари билан банд экан, ундан дўстлик кутма.

Ўз нафсини ўйлаб қилинган дўстликка жуда тез соя тушади. Дейдиларким, дўстни фойда-зарар ичида синамоқ керак. Яъни, сен дўстинг учун оёқ қўйсанг, ўзингни маҳкам тут. Дўстнинг ҳақиқий дилини билмоқчи бўлсанг, синаш учун унга тилингда ғазаб қилиб ёки қовоғингни солиб кўр. Дўстнинг сенга қанчалик муҳаббати борлигини билмоқчи бўлсанг, унинг энг яхши кўрган нарсасини сўра. Шу иккаласидан сўнг ҳам у қовоғини солмаса, бундай дўстни бошга кўтариш, ширин жон билан баробар тутиш керак. Бир куни тасаввуф илмининг улуғларидан бўлмиш Шиблий ҳазратлари (Аллоҳнинг раҳмати бўлсин) ҳузурларига бир жамоат келди. Сўрадиларким: “Сизлар кимсизлар?” Улар дедиларким: “Бизлар сизнинг дўстларингизмиз!” Бу жавобни эшитган Шиблий ҳазратлари ўгирилдилар ва уларга қаратиб тош отдилар. Улар қоча бошладилар. Шунда ҳазрат дедиларким: “Нега қочяпсизлар? Агар сизлар ҳақиқий дўстлар бўлсайдингизлар, мендан келган балодан қочмас эдингизлар!”

Бир донишманддан “Қанча дўстингиз бор?” деб сўрадилар. Жавобан дедики:
-Буни билмайман. Ҳозир туриш-турмушим яхши. Умрим фаровонлик билан кечиб турибди. Шунинг учун ҳамма менга хушомад қилиб, ўзларининг дўст эканликларини билдириб турибдилар. Мабодо давлатим қўлимдан кетса, у чоқда қанча самимий дўстим борлигини билиб оламан.

Ҳорун Рашид Баҳлулдан “Энг яқин дўстинг ким?” - деб сўрадилар.
-Қорнимни тўйдирган киши, - деб жавоб берди Баҳлул.
-Қорнингни тўйдирсам, мени ҳам дўст деб биласанми? - деб сўрадилар Ҳорун Рашид.
-Дўстлик ҳам насия бўладими? - деди Баҳлул.

«Бу одамни танимайман», деган «дўст» ва унинг ҳаракатини оқлаган улфат бу ҳикматларни ва энди баён қилинажак масални билса, мағзини чақса эҳтимол бошқача хулосага келармиди? Сиз ҳам танишинг:

Туя билан тулки ҳар ишда ҳамдам ва ҳамдард бўлишга аҳду паймон қилишибди. Бир куни тулки ов қилиб юриб, шерга дуч келибди. Шер унга ташланмоқчи бўлганида тулки унга ёлборибди:
-Эй ҳайвонлар султони! Менга шафқат қилинг, бунинг эвазига шу яқин ўртада ўтлаб юрган азиз дўстим туяни кўрсатай. У сергўшт, мен эсам қоқсуякман.

Тулки туяни кўрсатибди. Аммо шер аввал унинг ўзини бурдалаб еб, сўнг туяга ташланибди.

Қиссадан ҳисса шуки: дўст танлашда шошилмаслик керак. Аввало уни синаб сўнг эътимод этмоқ даркор. Киши дўстлик ипларини бевафолик, ғаддорлик болтаси билан узмасинки, ўз бошига ҳам хийлагар тулкининг куни тушгай. «Кимки дўстликни хор айлабди, уни қисмат жазолагай» -дейишлари бежиз эмас.

Тулки тоифасидаги манфаат дўстларига ибрат бўлсин учун ўтмишдан бир воқеани ёдга оламиз:

Римликлар устига юборилган қўшин орасидаги Абдуллоҳ ибн Хузофа (р.а.) асирга тушиб қоладилар. Унинг Расулуллоҳ (с.а.в.) саҳобаларидан эканини билган Рим ҳукмдори:

-Сени ўзимга шерик қилиб олсам насроний бўласанми?-деб сўради.
-Фақат шерик эмас, бутун салтанатингни ва унга қўшимча араб ерларини берсанг ҳам динимдан кечмайман,-дедилар.

Кейин у кишини ғоят азобли қийноқлар билан қийнадилар, қўрқитдилар. Барибир динларидан кечмадилар. Шунда ҳукмдор: «Агар сени қўйиб юборсам, бошимни ўпасанми?» - деб сўради. Абдуллоҳ ибн Хузофа: «Бу одам Аллоҳга қанчалик душман бўлса-да, ўзимни ва дўстларимни қутқариш учун бошини ўпишнинг зарари йўқ», - деган фикрда «Бир ўзимни эмас, шерикларимни ҳам қўйиб юборсанг, айтганингни бажараман», - деб шарт қўйдилар. Абдуллоҳ ибн Хузофа шериклари билан Мадинаи мунавварага қайтганларида ҳазрати Умар (р.а.) «Абдуллоҳ ибн Хузофанинг бошини ўпиш ҳар бир мусулмонга фарздир», - деб биринчи бўлиб ўзлари ўпдилар.

Дўндамас ва Амазак деган йигитларнинг дўстлиги ҳақида қадим афсона бор. Бу афсонани Александр Македонский тарихчилари юртимизда бўлганларида ёзиб олганлар ва бу тарих китоби юнонлар диёри кутубхонасида сақланади. Иккинчи асрда яшаган Лукианнинг «Дўстлик» деб номланмиш асарида бу садоқатли дўстлик баёни берилган. Биз ҳам танишайлик, зарар қилмас: Дўндамас ва Амазак қиёматли дўст бўлишга аҳд қиладилар. Қабила одатига кўра бир-бирларининг қонларини ялайдилар ва бу билан аҳдларини қатъийлаштирадилар. Улар шундай дўст эдиларким, гўё икки танда бир жон ва бир кўкракда икки юрак каби... Аҳднинг тўртинчи куни уларга душман ҳужум қилади. Қабиланинг маълум бир қисми Сирдарёни (у пайтларда дарё Танаис деб аталган) кечиб ўтиб жон сақлайдилар. Дўндамас ҳам дарёдан сузиб ўтади. Дўсти Амазак эса қоча олмай, душман қўлида қолади. У алам билан фарёд уриб, дўсти Дўндамасни ёрдамга чақиради. Дўстининг ноласини эшитган Дўндамас ўйлаб ҳам ўтирмай ўзини дарёга ташлаб, у қирғоққа сузиб ўтади. Душман уни найзага рўпара қилиб ўлдирмоқчи бўлганида «Олтин!» деб ҳайқиради. Бу сўз ўзига тегишли асирни пул ҳисобига қутқариб олишни англатгани учун уни ўлдирмай, лашкарбошига рўпара қиладилар. Дўндамас дўстини озод этишни сўрайди. Лашкарбоши эса бунинг эвазига кўп олтин талаб қилади. Шунда Дўндамас:
-Бойлигимизни талаб адо қилдинг. Энди менинг ҳеч вақом йўқ. Дўстимнинг ўрнига мени асир эт, истагингни бажарай, - деди.
-Нега бойлигим йўқ, дейсан? Сен бебаҳо бойлик эгасисан-ку? - деди лашкарбоши унга синовчан тикилиб.- Сенинг шу икки кўзинг - энг бебаҳо бойлигинг, шуни билмайсанми? Сен шу икки кўзингни дўстинг учун бера оласанми? Биз кўзларингни ўйиб олайлик-да, сен дўстингни олиб истаган томонингга жўна!

Дўндамас бу шартга кўнди. Кўзларини ўйиб олишаётганда дўстини қутқаришга эришгани учун Худога шукр қилди. Сўнг икки кўзи ўйиб олингани ҳолида дўстига суяниб қабиласига бориб қўшилди. Амазак дўстининг бу ҳолига чидамади. У ҳам ўзининг кўзларини ўйиб ташлади. Шундай қилиб икки дўст бир-бирига суяниб, дўст садоқати ҳақида достонлар айтиб ер юзи бўйлаб юрдилар... Асрлар ўтди, урушлар ўтди, қирғинлар ўтди... Аммо бу воқеа унутилмади. Афсус шуки, буни кам одам билади. Шу боис фарзандлар тарбиясида бу ибрат четлаб ўтилади.

Эҳтимол айримларга афсоналар ибрати таъсир этмас. Унда бугунги воқеалардан тинглайлик:

Бу воқеа мазкур асар оққа кўчирилаётганда юз берди. Андижоннинг Булоқбоши қишлоғида Муҳаммад Юсуф ҳазратлари яшар эдилар. Аллоҳ у зотни мағфират айласин. Жумъа хутбасини ўқиётганларида жонлари узилибди. Тошкентда Исмоил қори ака деган табаррук зот яшайдилар. Аллоҳ ул зотнинг умрларини янада баракали қилсин. Биродарларининг вафотини эшитишлари ҳамон йўлга отланганлар ва марҳумнинг фарзандларидан аввалроқ етиб борганлар. Юз ёшдан ошган бу табаррук отахон жанозага бормасалар ҳам биров у кишидан гина қилмас эди.

Тоғ ошиб, неча юз чақирим йўл босиш машаққати у кишига тўсқин бўла олмади. Чунки зиммаларидаги биродарлик масъулиятини ҳар нарсадан устун қўйдилар. Эҳтимол бу олдинги афсонага нисбатан оддийроқ бўлиб кўринар. Лекин шубҳа йўқ-ки, лозим бўлган тақдирда жонидан ҳам кечишга тайёр турувчи инсонлар айнан шу иймон эгалари кабидирлар.

Мазкур воқеани айтиб беришганда Абу Ҳурайра (р.а.) ривоят қилган бир шарафли ҳадисни эсладим. Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай ривоят қилган эканлар:

Бир киши бошқа қишлоқда турадиган дўстини зиёрат қилиш учун йўлга чиқди. Аллоҳ таоло унга бир фариштани юборди. Фаришта ундан:
-Йўл бўлсин, қаерга боряпсан? - деб сўради.
-Шу қишлоқда яшайдиган дўстимни кўргани кетяпман, - деб жавоб қилди у.
-Дўстинг сенга бирор яхшилик қилган ёки ундан бирор манфаат кўрган бўлсанг керак-ки, ўшанинг хотираси учун бораётгандирсан? - деб яна сўради фаришта.
-Бизнинг орамизда манфаат йўқ. Мен уни фақат Аллоҳ таоло учун яхши кўраман, шунинг учун ҳам зиёратига кетяпман,-деб жавоб қилди у киши.

Шунда фаришта дедики:
-Мен Аллоҳнинг элчисиман. Аллоҳ таоло мени атай сенга юборди. Сен уни холисаниллоҳ севганинг учун Аллоҳ таоло ҳам сени севади.

Не бахтки, Аллоҳ севгисига мушарраф бўлаётганлар билан замондошмиз. Ҳадиси қудсийда таъкид этилганидек: «Эй Одам фарзанди! Менга ибодат қилувчиларни дўст тутишинг Менинг сенга бўлган муҳаббатимни яқин қилади ва ибодат қилмайдиган кишиларни ёмон кўришинг сени балолардан аритади». Баён этганимиз у икки мўътабар зот ва уларга ўхшаш биродарларимизнинг холис дўстликлари Аллоҳнинг муҳаббатини янада яқин қилганига шу Ҳадиси қудсийдаги ваъда далолат бўла олар. Яна муҳими шуки, Аллоҳнинг бу муҳаббати фақат шу икки зот ва уларга ўхшаш биродарларимиз учунгина эмас, балки бошқалар учун ҳам манфаатлидир. Зеро, Ҳадиси қудсийда марҳамат қилинурким: «Эй Одам фарзанди! Мен ердаги халқларга (осийликлари учун) азоб юборишни хоҳлайман. Агар (ўша вақтда) Мен учун бир-бирлари билан дўстлашиб, масжидларимни обод қилиб турганларга ва саҳарларда Мендан истиғфор сўраб ўтирганларга назарим тушса, улардан азобимни қайтараман». Гуноҳкор бандалармиз... Гуноҳларимиз учун жазо олмаётганимизнинг сабаби шу эканда, а? Абу Дардо (р.а.) бу хусусда айтган эканларким: «Бир мусулмон банда ўзи ухлаб ётган вақтида гуноҳи кечирилади». Буни эшитиб Умми Дардо сўрабдиларким: «Бу қандайин гап-ки, ўзи ухлаб ётса-ю, гуноҳи кечирилса?» Жавоб берибдиларким: «Бир кишининг дўсти кечаси туриб таҳажжуд намозини ўқиб, Аллоҳ таолодан ўзининг ва дўстининг ҳам гуноҳини кечирмоғини сўради. Шу дуоси туфайли Аллоҳ таоло ўзининг ҳам, дўстининг ҳам гуноҳларини кечириб юборади».

Эй кўнгил! Эслаб кўр, дуоларингда дўстингни тилга оласанми? Унинг ҳожатини раво қилишни сўрайсанми? Дардига шифо тилайсанми? Унинг гуноҳларини мағфират этмоғини илтижо қиласанми? Ўзинг учун кўп, бағоят кўп нарсаларни сўрашинг тайин. Агар дўстинг хасталанса шифо тилашинг ҳам бор. Аммо... «дўстимнинг гуноҳларини кечир», деб ёлборишни унутиб қўймайсанми? Эҳтимол унинг гуноҳ қилишига сен ҳам сабабчидирсан? Эҳтимол уни гуноҳдан асраш чорасини кўрмагандирсан? Ҳамиша дуода бўл, эй кўнгил, Аллоҳ дўстларингнинг гуноҳларини кечирсин!

Тилимизда «қиёматли дўст», «охират биродари» деган иборалар мавжуд. Бунинг маъноси: Аллоҳнинг розилиги учун бу дунёда бир-бирларига чин, вафоли, садоқатли дўст бўлганлар қиёматда Арши Аълонинг соясида сояланиб туришаркан. Пайғамбаримиз алайҳиссалом марҳамат қилибдиларким:

«Маҳшар куни ҳамма маҳшар майдонига йиғилганида барча даҳшатли қўрқув ичида, барча қайноқ тер ичида бўлади. Лекин баъзи инсонлар у кун Арши Аълонинг соясида, кўкда кўрадиган юлдузларимиздек юксакда, нурдан бўлган минбарларда юзларидан нур ёғилиб ўтиришади. Кийимлари нурдан, курсилари нурдан... Лекин улар пайғамбарлар эмас, шаҳидлар эмас.

«Улар кимлар, ё Расулаллоҳ!» - деб сўрашдилар. Дедиларки:

«Улар бир-бирларини Аллоҳ учун севган кишилардир».

Ҳа, биз бир-биримизни Аллоҳ учун севишликка буюрилганмиз. Бундай севиш мусулмонларни яқин биродарликка, худди ака-ука каби муносабатда бўлишликка чақиради. Расулуллоҳ (с.а.в.) Аллоҳнинг бу буйруғига тўла амал қилганлар. Мусулмонлар Маккаи мукаррамадан Мадинаи мунавварага ҳижрат қилишганда Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳар бир муҳожирни бир мадиналик билан биродар, яъни ака-ука тутинтирдилар. Ёлғиз ҳазрати Али (карамаллоҳу важҳаҳу) учун мадиналик топилмади. Бундан ҳазрат Али маъюсландилар. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.) «Сен мен билан биродарсан», дедилар. Ҳам амакивачча, ҳам куёв бўлганлари ҳолда энди биродарликнинг қарор топиши энг буюк шараф эди!

Ўша онларда Салмони Форсийни (р.а.) Абу Дардо (р.а.) билан биродар тутинтирганлар. Салмони Форсий насронийликни, мажусийликни билувчи тажрибали киши эдилар. Бир неча муддат насроний руҳонийлар хизматида ҳам бўлганлар. Улардан бири «Охир замон пайғамбари Ҳижоздан чиқади, сен у ерга бор!» - дегандан кейин Маккага ундан Мадинага келганлар. Абу Дардо эса «асҳоби суффа»дан, камбағал, аммо ғоят табаррук инсон эдилар. Биродарлик ҳақларига қатъий амал қилардилар.

Бир куни Салмони Форсий биродарларини зиёрат қилишга келдиларким, биродар-биродарини зиёрат қилишнинг жуда улуғ савоблиги аввалроқ айтилди. Зиёратга келиб, эшикни тақиллатдилар Абу Дардонинг завжалари Умму Дардо (розийаллоҳу анҳо) эшикни очдилар. Уст-бошлари ямоқ, эскириб кетган... Уни кўриб Салмони Форсийнинг юраклари ачишди. У дамларда аслида ҳаммалари камбағал, аммо бирининг бошқага юраги ачишса, бошқасининг нақадар оғир аҳволда эканини тасаввур қилаверинг.
-Бу қандай ҳол бўлди? - деб сўрадилар Салмони Форсий.

Бечора аёл кўзини ердан узмай хаста овозда дедики:
-Сизнинг биродарингиз дунёнинг баҳридан ўтганлар. Дунёга аҳамият бермайдилар. Рўзғор учун ҳаракат қилмайдилар. Шу сабабли мен бу аҳволдаман.

Ўйламангки, Умму Дардо шикоят қилиб, нолидилар. Йўқ, асло! Ўзларининг бу аҳволларидан розилар, дунёга кўз тиккан эмаслар... Оч турарлар... сабр қиларлар...
-Биродаримнинг ўзлари қанилар? - деб сўрадилар Салмони Форсий.
-Ҳозир келадилар, - дедилар Умму Дардо.

Чиндан ҳам кўп вақт ўтмай уй соҳиби келиб, биродарлари билан омонлашдилар. Дастурхон ёзилди. Абу Дардо овқатни меҳмон томон сурдилар.
-Ўзингиз ўтирмайсизми, келинг, бирга ейлик, - дедилар меҳмон.

Абу Дардо аввалига билдирмай турдилар (нафл рўзасини пинҳон тутган савоб), Салмони Форсий ҳадеб қистайверганларидан кейин:
-Рўзадорман, - дедилар. -Сиз ўтирмасангиз, емасангиз, мен ҳам емайман, - дедилар меҳмон.

Хуллас, Абу Дардо биродарларининг иззати учун нафл рўзаларини буздилар. Кеч бўлди, намозларини бирга ўқидилар (уйлари Масжиди набавиядан узоқроқ бўлса керак). Сўнг меҳмоннинг ўзигагина жой тўшадилар.
-Ўзингизга-чи? - деб сўрадилар Салмони Форсий.

Абу Дардо ухламай туни билан ибодат қилиш илинжида эдилар. Меҳмон: «Сиз ётмасангиз мен ҳам ётмайман», - дедилар. Абу Дардо ноилож ётдилар. Аммо бир оздан сўнг турмоқчи бўлганларида Салмони Форсий яна қайтардилар. Субҳи содиқдан аввалроқ Салмони Форсий туриб, биродарларини уйғотдилар. Таҳажжуд намозини ўқишиб, сўнг икковлари ҳазрати пайғамбаримиз (с.а.в.) масжидларига йўл олдилар. Намоздан сўнг Абу Дардо Пайғамбаримизга биродарларидан шикоят қилдилар.
-Ё Расулуллоҳ, рўзадор эдим, биродарим рўзамни буздирди. Кечаси ибодат қилдирмади.

Расулуллоҳ (с.а.в.) Салмони Форсийдан бунинг сабабини сўрадилар.
-Ё Расулаллоҳ, - дедилар Салмони Форсий, - кўрсам, хотинининг уст-боши ғоят юпун, рўзғори ғоят хароб, турмуши ҳаддан ташқари қашшоқ.

Буни эшитган ҳазрат Пайғамбаримиз унинг муддаосини тушуниб, дедилар:
-Эй Абу Дардо! Салмон ҳақдир. Сен ноҳақсан. Салмон яна тўғрироқ билур. Сенинг устингда Аллоҳнинг беадад ҳаққи бор. Албатта ибодат қиласан. Аммо сенда оилангнинг ҳам ҳаққи бор. Хотининг ҳам эътиборингда бўлиши керак.

Оиланинг ҳаққи ҳақида кейинроқ фикр юритармиз, инша Аллоҳ. Ҳозир оладиган ибратимиз: нафл ибодатларидан кўра дўстнинг иззатини адо этиш афзалроқ экан. Яъни, «ким дўстини эъзозлабди, нафл ибодати савобини олибди», деб тушунсак ҳам бўлар. Аммо бу тушунча нафл ибодатларини бутунлай рад этиш маъносида қабул қилинмаслиги керак. Агар икки ҳолат бир-бирига рўпара келиб қолганда дўст ҳурмати аввалроқ адо этилиши керак, дейилмоқчи.

Мадинаи мунавварадаги мусулмон аҳлининг бир-бирлари билан биродар тутинишлари Қуръони Карим оятларига амал қилишнинг бир кўриниши эди. Аллоҳ таоло буюради:

«Мўъминлар ҳеч шак-шубҳасиз, оға-инидирлар. Бас, сиз икки оға-инингизнинг ўртасини ўнглаб қўйинглар! Аллоҳдан қўрқинглар. Шояд, У Зот томонидан бўладиган раҳматга эришсангизлар.

Мазкур оятни англаш учун муҳтарам уламонинг тафсирларига мурожаат қилсак: Ояти каримада «оға-ини» (бошқа таржималарда «биродар») деб таржима қилинган сўз араб тилида бирликда «ахун» калимаси билан ифода қилиниб, икки хил маънода ишлатилади: 1. Ака-ука, яъни туғишган биродар маъносида. 2. Дўст, оғайни, яъни тутинган биродар маъносида. Аммо худди шу сўзнинг ўзи кўпликда келганда маъносига қараб яна икки шаклда келади: 1. «Ихватун» - туғишган биродарлар. 2. «Ихвонун» - дўстлашган биродарлар. Қуръони Каримнинг мўъжизалигини қарангки, мўъмин-ларнинг биродарлиги ҳақида сўз кетганда туғишган биродарлар маъносидаги «ихватун» сўзи ишлатилган ва бу билан мўъминлар худди туғишган ака-укалардек эканлиги таъкидланган.

Ислом тарихида бу ояти каримага амал қилишнинг ғоят гўзал намуналари учрайди. Шулардан бири Саъд (р.а.) билан Саиднинг (р.а.) дўстликлари ҳақидаги ҳикоядир. Дўстлик аҳду паймонига содиқ бу икки саҳоба жаннат суюнчи хабарига етишганлардан эдилар. Хотин олмайин умрлари саёҳатларда ўтган. Саъднинг оталари - Умар маккалик кофирлардан эди. Саъд ўн етти ёшга тўлганларида иймон келтирган эдилар. Саиднинг оталари Лайе басралик, ғоят тўғри ва солиҳ кишилардан эдилар. Бу икки дўст Диёри Бакр урушида шаҳид бўлганлар. Ҳижратнинг қирқ биринчи йилида жумъа пешин намозида жанозалари ўқилиб, дафн қилинганлар. Хуллас, бу икки дўст сафар қилмоқни ихтиёр этиб йўллари Қулзум денгизига тушиб, кемага ўтирадилар. Кемачи буларга жаҳл қилиб: «Нима учун бекор ўтирибсизлар, эшкак эшинглар!» - деб эшкакни Саиднинг қўлига тутади. Филҳол Саъд туриб: «Эшкакни мен эшайин», деб кемачининг қўлидан эшкакни олади. Саид эса эшкакни ўзига талаб қилади. Кема соҳиби бу меҳрибонлардан бирининг машаққатини иккинчиси ўзига олаётганидан ҳайратга тушади.

Бунга ўхшаш воқеалар бугунги кунимизда ҳам учрайди. «Пўст мағизга қандайин яқин бўлса, дўст ҳам муҳаббатда сенга яқин бўлсин», деган ҳикматнинг амалдаги кўринишларини тез-тез учратамиз.

Ҳаж зиёрати охирлай деб қолган, ҳамма ерларда ҳожиларни кутиб олиш тадориги бошланган дамда, Қурбон ҳайити арафасида бир уйга ўт тушди. Ёнғин қўшниникига ҳам ўтди. Бу хонадон эгалари айни дамда Ҳаж ибодатида эдилар. Энди тасаввур қилинг: кексайиб қолган эр-хотин улуғ ибодатдан қайтсалару куйиб ётган уйларини кўрсалар! Хонадон соҳибларининг фарзандларига Аллоҳ садоқатли дўстларни берган экан. Дўстлар бу уйни бир неча кун ичида тиклаш аҳдини қилдилар. Ҳар ким имкониятидан зиёдароқ ҳисса қўшишга ҳаракат қилди.

Гап бу ерда фақат маблағ тўплашда эмас. Дўстларнинг барчалари ёнғин соатидан бошлаб, то уй қайта қурилиб, ҳожи ота ва ҳожи она кутиб олингунига қадар шу ерда бўлдилар. Иш кун чиқардан то қоронғу кечгача давом этди. Дўстлар усталар ва мардикорлар сафида хизмат қилдилар. «Битта кулчани иккига бўлиб, ярмини оч одамга берганни «сахий» деб, ўзи емай, ҳаммасини мухтож одамга берганни «сахий дўст» деб бил», деганларидек, маҳалла аҳли шу кунлар ичи сахий ва беғараз дўстликнинг яхши намунасини кўрдилар. «Яхши либос - танга оройиш, яхши ўртоқ -жонга осойиш», деб бежиз айтмаганлар. Яна ҳазрати Алишер Навоий ёзадиларким:

Ҳар ким биров билан дўст-ёр бўлса, дўст-ёрлик даъвосини қилса, ўзига раво кўрмаганни унга ҳам раво кўрмаслиги керак. Баъзи нарсаларни ўзига раво кўрса ҳамки, ёрига раво кўрмаслиги лозим. Кўп машаққатлардан киши руҳига алам етади. Жисму жони бунга тоқат қилади. Аммо бундай машаққат дўсти бошига тушишини хаёлига ҳам келтира олмайди. Мабодо хаёлига келтиргудек бўлса, даҳшатдан ҳаёти сўнади.

Ёр улдурки, ҳар неким ўзиға
Истамас, ёриға ҳам истамагай.
Ўзи истарки, ёр учун ўлгай,
Ани мундоқ шарик айламагай.

(Дейилмоқчиким: ўзи дўсти-ёри учун ўлмоққа тайёр, аммо бу ишга дўстини шерик қилмайди.)

Сўфий Оллоҳёр ҳазратларининг таъбири билан айтилса, «сен Аллоҳ таоло учун биров билан дўст тутинсанг уни сут устидаги қаймоқдек кўргин. Уни азиз жонингча, балки ундан ҳам ортиқроқ кўргин:

Тут ул дўстингни сут устинда қаймоқ,

Азиз жонингча кўргил, балки беҳроқ.

Айтилганлардан мурод шуки, дўстининг куйган уйини тиклашда хизмат қилганларни Аллоҳнинг биродарлик хусусидаги амрини бажарганлар, демоқлик мумкин. Энди оятнинг давоми, яъни: «...икки оға-инингизнинг ўртасини ўнглаб қўйинглар...»

Ҳаётда энг қадрдон дўст орасида ҳам келишмовчилик, тушунмовчилик ва бунинг оқибат ўлароқ аразлаш ҳам учраб туради. Банда хато ва камчиликлардан холи эмас. Аммо йўл қўйилган хато Аллоҳ учун биродарлашган икки кишини бир-биридан ажратиб юбормаслиги керак. Ҳақиқий дўст биродарининг айбини дарров кечира олиши шарт. Бир оғиз хато гап учун ёки

ноўрин ҳаракат учун ажралиб кетадиган дўстнинг дўстлиги ҳақиқий эмас экан. Баъзан жумъа намозларида ҳам кузатамиз: намозни ёнма-ён ўқийдилар, намоздан сўнг эса бир-бирларига тескари қараб кетадилар. Аллоҳ буюрган бир ибодат бажарилади. Иккинчиси эса унутилади. Бир ибодат бажарилганини атрофдагилар кўриб туришади, иккинчиси бажарилмаётганини кўпчилик билмайди. Аразлашиб юрган одамлар унутмасинларки, бир-бирлари билан оға-инидек бўлиш Аллоҳ томонидан фарз қилиняпти. Бир-бирларига тескари қарадиларми, бас, фарз тарк этилди. Абу Ансорийдан (р.а.) қилинган ривоятга кўра Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай марҳамат қилганлар: «Ҳеч бир киши ўз биродаридан уч кечадан ортиқ аразлаб юрмоғи ҳалол эмас. Иккаласи тўқнашиб, бири у ёққа, иккинчиси бу ёққа юз ўгириб кетмасин. Уларнинг яхшироғи аввал салом берганидир». Анас ибн Моликнинг (р.а.) амакиваччалари Ҳишом ибн Омир (р.а.) Расулуллоҳдан (с.а.в.) бу ибратни эшитганларини ривоят қилганлар:

«Ҳеч бир кишининг иккинчи мусулмон биродари билан уч кечадан ортиқ гаплашмай юриши жоиз эмас. Шу иккаласи шундай ҳолатда бўлган даврда Ҳақ йўлдан четлашган бўладилар. Улардан қайси бири аввал яхшилик, меҳр-шафқат қилиш томонига ўтса, гуноҳига каффорат бўлади. Улар шундай гаплашмай юрган ҳолича дунёдан ўтсалар, иккаласи ҳам жаннатга кирмайди. Агар улардан қайси бири салом берса, иккинчиси жавоб қайтармаса (алик олмаса), салом берганига фаришта ва жавоб қайтармаганига эса шайтон жавоб қайтаради”.

Мазкур шарафли ҳадисда аразчиларнинг жаннатга кирмаслиги ҳақидаги таъкидни унутмаслигимиз керак. Биродарларнинг уч кундан ошиқ аразлаб юришлари мумкин эмаслиги ҳақида яна бошқа ҳадисларда ҳам қайта-қайта таъкид этилади. Ҳатто Абу Харрош Суламийдан ривоят қилинган ҳадисда ўз биродари билан бир йилгача аразлашиб юрса, гўё унинг қонини тўккан бўлади.

Бир маҳаллада икки дўст яшардилар. Икковларининг ёшлари етмишдан ошган. Агар йигирма яшар дўстлар аразлашса тушуниш мумкин: уларнинг ҳаёт тажрибалари кам, қизиққонлар. Бугун бир дўст йўқотсалар эртасига бошқасини топишлари мумкин. Аммо етмиш ёшда дўстни йўқотиш?! Аразлаш учун биттагина ҳазил кифоя қилган. Атрофдагилар уларни яраштириш учун кўп ҳаракатлар қилишди. Сўфий Оллоҳёр ёзадиларким:

Худонинг буйруғидан тойса ногоҳ,

Биродарлик ўшалдир қилсанг огоҳ...

Демоқчиларким, Аллоҳ таоло учун тутинган дўстинг бехосдан Аллоҳнинг буюрганидан қайтиб йўлдан чиқса, уни бу бузуқ ишдан огоҳлантириб тўғри йўлга қайтаргин. Ҳақиқий биродарлик ана шундай бўлади, деган ҳикматга амал қилиб, улардан бири уйида махсус зиёфат уюштирди. Масжид имомини ҳам таклиф қилди. Имом бу икки аразчи қариянинг аҳволидан бехабар, қавмнинг илтимоси билан икки мусулмоннинг аразлашуви дуруст эмаслиги ҳақида маъруза қилди. Зиёфат якун топгач, аразчи қариялардан бири соҳиби эҳсонга “Сен менга ақл ўргатиш учун чақирдингми?” - деб дағдаға қила кетди. Хуллас, улар ярашишмади. Кимки аччиқ бўлса ҳам ўз дўстлари насиҳатига қулоқ солмас экан, ишнинг оқибати пушаймонлик бўлади. Бу -табиб буюрган дориларни ишлатмай, парҳез қилмай, ўзининг кўнгли тилаган таомларни еган, истаган ичимликларини ичган беморнинг ҳар дақиқа дарди оғирлашиб кетгани кабидир. Орадан шу зайлда икки-уч йил ўтиб, олдинма кейин вафот этишди. Биринчи дўст вафот этганида ярашишни хоҳламаган киши жанозага келди. Шунда биродарлар дедиларки: “Барибир келар экансиз, аввалроқ келиб рози-ризолик тилаб қолсангиз бўлмасмиди?” У киши эса шунда ҳам паст келмай: “У “менинг ўғлим сеникидан бойроқ” деб керилган, шунисини кечира олмадим”, - деб изоҳ берди. Унинг бу изоҳи тўпланганларга шу даражада бемаъни туюлди-ки, айримлар ундан юзларини ўгирдилар ҳам. Аразлашишга сабаб бўлган баҳона биродарларига ҳам эриш туюлган бўлса, уларнинг қиёматдаги аҳволлари қандай бўларкин?

Мана шу каби воқеаларни эшитганимизда, бирон дўст топганимизда (алҳамдулиллаҳ!) ва йўқотганимизда (астағфируллаҳ!) фикр қилайлик:
-Эй кўнгил, Аллоҳнинг марҳамати билан топган дўстингни йўқотиб қўйдинг-а! Энди уни қиёматда қайда ва қай ҳолда топгайсан? Дўстини йўқотган ҳар бир одам кўпроқ айбни унга юклайди. Сен ундай қилма, кўпроқ айбни ўзингдан қидир. Сўнгги нафасинг чиққунига қадар дўстлигингни қайта тирилтиришга улгуриб қол! Бир оғиз нохуш гап учун аразлаб юриш эвазига дўзах оташини сотиб олиш наҳот сен учун лаззатлироқ бўлса?! Олий ҳимматли, мард одам бир лаҳзада дўст орттиради, пасткаш эса неча йиллик ошналигини бир лаҳзада барбод қилади. Сен пасткашлардан бўлма. Фаровонликни истасанг, бахтли онларингда ҳам дўст-ёр орттириб ол. Биласанки, денгиз тўлиб тошса ҳам дарё сувига муҳтождир. Дўстлар қанча кўп бўлса, кишига бало шунча кам ёпишади.

Донодан сўрабдилар: “Дўстларингдан қай бири барчадан кўра сенга кўпроқ ёқади? Қайси бирини чин биродарлик даражасига етган, деб ўйлайсан? Қайси бирига сенинг муҳаббатинг кучлироқ?” Донишманд жавоб бердиким: “Айб қилсам яширадиган ва узр сўрасам кечирадигани менга ёқиб тушади...”

Баён қилганимиз икки қария узоқ йиллар ўзларини бир-бирларига дўст деб билганлар, аммо қалбларида дўст меҳри йўқ эканидан бехабар яшаганлар. Ҳатто муборак ҳаж ибодатига

борганларида ҳам Аллоҳ уларнинг қалбларига дўст муҳаббатини солмаган экан, на илож? Дўстнинг васли кўрар кўзларга роҳат беради. Уларнинг кўзлари бу роҳатдан бенасиб экан.

“Емайсан, аммо тўясан, бу дўст меҳридир”. Улар дўст меҳрига оч яшадиларми? Ҳар ким айбсиз дўст қидираверса, дўсти камайиб бораверади, дўстларини ранжитаверса, душманлари кўпаяверади. Бу қариялар умрлари давомида қанча дўст йўқотиб, қанча топдилар экан? Ҳар бир гулнинг тикони бўлгани каби, ҳар бир дўстнинг ҳам нуқсони бўлиши табиий. Ўз дўстларининг хатоларини кечирмасликнинг, улар етказган зарарни унутмасликнинг одам учун нима фойдаси бор? У қандай инсонки, ўз дўстининг тавба ва узрини қабул этмасин ва уни севинч билан қарши олмасин!? Олижаноб ва мард одам оғир кунларда ҳам ўз дўстини ташлаб кетмайди. Ҳар қандай шубҳа ва гумонга асосланиб, ўртоқлик алоқаларини узмайди, бориш-келиш, салом-аликни канда қилмайди.

Араб фозилларидан Асмаий ёзадилар: “Бир кишини зиёрат қилиб кирдим. У зот кичик бўйра устида ўтирар эдилар. Сурилиб, ёнларидан жой кўрсатдилар. Мен бу илтифот учун раҳмат айтиб дедимки: “Бўйрангиз тор, мен ҳам ўтирсам сиз роҳатсизланасиз”. У зот дедиларким: “Бир-бирига гапи тўғри келмаган икки кишига бутун жаҳон ҳам танглик қилади. Аммо дўстлар учун бир қарич ер ҳам бемалол етади”. Аразлаган ҳолларида бу дунёни тарк этган икки қарияга жаҳон торлик қилдимикан?..

Дўстларни бир-бирларига яқинлаштирадиган нарса албатта, зиёратдир. Юрилмаган йўллар устини тикан ва буталар қоплагани сингари зиёратдан ҳоли дўстлик йўллари ҳам беркилиб қолади. Биров сизга “Дўстимни бир-икки ойдан бери кўрганим йўқ”, - деса билинг-ки, у муҳаббатли чин дўст эмас экан. Абу Ҳурайра (р.а.) ривоят қилган шарафли ҳадислардан бирида Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай марҳамат қилганлар: “Бир киши дўстини зиёрат қилса, Аллоҳ таоло унга: “Ҳаётинг яхши ўтсин! Яхши иш қилдинг ва жаннатдан ўзинг учун жой ҳозирладинг”, -дейди”. Бу соҳада ҳам биз баъзан меъёрни орттириб юборамиз ёки меъёрга етказмаймиз. Расулуллоҳ “Дўстингни унга малол келадиган даражада эъзоз-икром қилма”, деб таъкидлаганлар. “Гулистон”да шундай баён этилади:

“Абу Ҳурайра (р.а.) Пайғамбаримизнинг (с.а.в.) хизматлариға келур эрди. Ул ҳазрат дедилар: “Эй Абу Ҳурайра, ҳар кун келмагил, то ўртада муҳаббат зиёда бўлғай ва соҳиби диллар дебдурларким, агарчи офтобнинг мунча ҳусн ва хўблиғи бордир, аммо ҳеч киши ани дўст тутмоғусидур, онинг учунким, ҳар кунда кўрунодур ва лекин қишдаким аксари вақт маҳжубдур, бу жиҳатдин ҳаммага маҳбубдур”.

Байт:

Дўстни кўрмакка бормоқ айб эмас,
Лек безор ўлғудек кўб бормоғил.
Қил муҳаббатни фузун кам-кам бориб,
Беҳуда ортуқсан, ранжи ахтармағил.

Одамлар бир-бирларига муҳтождирлар. Ўзаро муносабат пайдо қилмасалар, ишлари нотамом қолади. Одамларга аралашмасдан ёлғизликни севиш, жамиятдан қочиб юриш ақлга мувофиқ иш эмас. Шунинг учун ҳам янги бир одам билан дўст бўлган мусулмоннинг даражасини Аллоҳ жаннатда бир даража юқори кўтаражаги ҳадисларда таъкид этилган. Ёлғизликни севишни ножоиз дедик. Аммо ҳаётда яна бир ҳақиқат бор - нодон дўстдан кўра ёлғизлик яхшироқ. Нодон одам дўст бўла туриб шундайин кунларни бошингга соладики, кейин душманларинг чангалидан мутлақо қутулиб чиқа олмайсан. Биз дўстни нодон деймиз, ҳолбуки, сўраб-суриштирмай ҳар қандай одам билан дўстлашиб унга кўнглидаги борини очиб ташлайдиган одамнинг ўзи нодон эмасми? Низомий ҳазратлари ёзганлар:

Жоннинг душмани ҳам гар бўлса доно,

Ақлсиз дўстдан у юз карра аъло.

Тилимизда “сирдош дўст” деган атама бор. Ҳар кишининг юрагини қон қилувчи сири бўлганидек, бу сирни ошкор қилишга арзигулик дўсти ҳам бўлади. Дўст-ку, сирингизни эшитар, ошкор қилмасликка ваъда ҳам берар, аммо ваъдасига вафо қилишидан кўра хиёнат қилиши аниқроқдир. Дўстларни бир-биридан айириб юборадиган сабаб ҳам айнан шундадир.

Дўстига сир айтиб сўнг пушаймон бўлганларнинг сони-саноғи йўқ. Ҳолбуки, жаноби Расулуллоҳ (с.а.в.) “бир одамни жуда яқин олмагинки, у вақти келиб душман бўлиб қолиши мумкин”, деб огоҳлантирганлар. Яқин деб билинган дўст душманга айланмаса ҳам айтилган сирга хиёнат қилиши кутилажак ҳолдир. Бир шогирд донишманд устозидан сўраган экан:
-Менинг жуда муҳим сирим бор. Шу сиримни дилимда сақлайвериб, юрагим қон бўлиб кетди. Ишончли дўстимга сиримни айтиб, юрагимни бўшатиб олмоқчиман.

Бу гапни эшитиб устоз дедики:
-Сенинг сиринг фақат ўзинггагина керак, бошқа одамга сира ҳам керакмас. Модомики ўз сирингни ўзинг сақлай олмасанг, бошқа киши ўзига мутлақо кераги бўлмаган бу сирни қандай сақлай олади? Агар у сирингни ошкор қилса бунга таажжуб этишнинг ҳожати бўлмайди.

Табиатда ҳамма нарса ўз хили билан юради. Оққуш қорақушга қўшилмайди. Одамлар гарчи бир хилга ўхшасалар-да, бирининг қалби оққуш иккинчисиники қорақуш кабидир. Ҳаттоки учар

қушлар ҳам ўз шерикларини ажратишни уддасидан чиқар экан, инсоннинг бунга амал қилмоғи мутлақо шартдир. Шу боис шоир дейдики:

Бўлмагил ҳар кимга жонинг бирла, йўлдош ўзгадир,

Айтмагил ҳар кимсага сирингни, сирдош ўзгадир.

“Яхши либос - танга оройиш, яхши ўртоқ - жонга осойиш”, деганларидек яхши ўртоқни бошқалар орасидан ажрата олиш ҳам ақлга боғлиқ. Ақлли одамлар учун дўстликдан азизроқ ҳеч нарса йўқдир. Дўстлик беғараз бўлмоғи шарт. Лекин дўстлик тилсимларининг калити сирни сақлай билишдадир. Учинчи одам билмаган сир ёйилмайди. Чунки учинчи одам эшитган сир албатта оғиздан оғизга ўтади ва бунинг олдини олиш мумкин эмас. “Беҳаё дўстликка ярамас, нопок сирдошликка”, деган мақол бор. Тўғри, барчани нопокликда айблаш ёки гумон қилиш ақлдан эмас. Аммо орада шайтон борлигини ҳам унутмай, дўстимизни асраш учун унга сиримизни айтмай қўя қолганимиз минг марта афзал.

Айрим биродарларимиз “ҳеч кимга айтманг, фақат сизга айтяпман буни” деб сирларини бир неча кишига маълум қилиб қўядилар. Тўрт кишидан учтаси ваъдага вафо қилиб, сирни сир тутиб юраверади. Аммо биттаси “гуллаб” қўяди. Оқибатда сир айтган одам тўрттала дўстидан гумонсираб ёки ранжиб юраверади. Баъзан эса шу баҳона бўлиб, дўстлик ипларини узиб юборади.

Дўстлик масаласида айрим фикрлар борким, баҳслашишга ҳам тўғри келади. Масалан, сиз бу фикрга қандай қарайсиз:

Тўғри ва соф одамлар дарров дўст бўлиб оладилар ва бу дўстлик узоққа чўзилади. Фитначи одамлар дарров дўстлаша олмайдилар, муносабатлари тез ва осон бузилади. Яхши ва олижаноб одамлар бир соатли кўришиш ва бир кунли танишиш муддатида одамнинг кўнглини овлайдилар. Аммо кўпдан бери танишиш ва дўст бўлиш орзусида юрган ичи қора одамлардан марҳамат ва лутф кўзлаб бўлмайди. Улар қўрқув ва ғараз туфайли дўст бўлишни истайдилар.

Албатта бу ҳикматни рад этмаймиз. Аммо ҳаётда бунинг аксига кўпроқ дуч келамизким, бизнинг эътирозимиз ҳам айнан шунда. Тўғри ва соф одамлар, олимлар агар дўстлашсалар уларнинг биродарликлари арзимаган нарсага бузилмайди. Тўғри ва соф одамларни, олимларни биз “зукко, доно” каби сифатлар билан улуғлаймиз. Демак, улар яхшини ёмондан тез ажрата олиш қобилиятига эгалар. Бироқ, янги танишларини яхши одам эканини билиб турсалар ҳам у билан дўстлашишга шошилмайдилар. Нега? Эҳтиёткорликни бу қадар ошириб юборишлари ўринлими? Ёки атрофларидаги фитначиларнинг сўзларига қулоқ тутадиларми? Ахир фитначилар билан дўст бўлган кимса энг яхши одамлар ҳақида ҳам ёмон фикрда бўлади, вақт ўтганидан сўнг эса кўзлари мошдай очилади-ю, аммо пушаймон ейишдан ўзга чораси қолмайди. Ариқ ва сой суви денгизга қуйилгунга қадар ширин бўлади. Қардошлик ва дўстлик муҳаббати разил одамлар орага тушгунга қадар мустаҳкам бўлади. Афсусли ери шундаки, разиллар айнан яхшилар орасига тушади. Яхшилар бир-бирларини англаб етгунларича разиллар бирлашиб оладилар. Ҳаётда кузатамизки, яхшилик мақсадидаги дўстликка мустаҳкам пойдевор қўйилгунига қадар разиллар ўз биродарликлари саройини қуриб бўладилар.

Тўғри, уларнинг бу саройлари мустаҳкам эмас, тез орада бузилиб кетади. Бироқ, бузилгунига қадар яхши дўстлик иморати пойдеворини ҳам яксон қилишга улгуради. Кўрамизки, олимлар олимлар билан, шоирлар шоирлар билан дўстлаша олмайдилар. “Гадонинг душмани гадо бўладир”, дейилганидек, бу доноларнинг ўзаро дўстлашувларига эҳтимол вужудларига эгалик қилаётган ҳасад ўти йўл қўймас? Разил ва хоин одамлар улардаги айнан шу хасталикдан фойдаланишар? Разил ва хоин одамларнинг дўстлиги илонни тарбия қилишдек бир нарса. Илон эгаси уни қанчалик яхши парвариш этса ҳам пайт келганда бир кун ўз эгасининг ёруғ кунини қоронғи кечага айлантиради, ўз вафосизлигини намоён этади. Саҳар шабадаси ҳам дўстликка ўхшайди. Агар у гулзор томондан эсса - хушбўй бўлади. Нажосат бор ердан эсса - бадбўй бўлади. Тарихда бунга мисоллар оз эмас. Ўтган асрда Сталин замонидаги репрессияларда жон берганлар, азоб чекканлар дўстлик либосидаги айнан шундай разилликнинг қурбони бўлган эдилар. Донолар бир-бирларини ҳимоя қила олмадилар, демак, улар чин дўстлик мақомига ета олмаган эканлар. Алдамчи дўстликнинг фожиаси шунда. Бир масал борким, уни унутмасак, фойдадан ҳоли бўлмас:

Бир мамлакатдаги ўрмонзорда каламуш билан мушук яшар эди. Овчи келиб дарахт остига дом қўйиб кетган эди, нодон мушук илиниб қолди. Каламуш бу ҳолни кўриб қувонди. Аммо кўзи ўзига ташланишга тайёр турган латчага тушди-ю, юраги орқасига тортиб кетди. Тепага қараса-ки, бойқуш ҳам уни мўлжаллаб турибди. Нима қилсин? Олдинга юрса мушукка йўлиқади, орқага қайтса, латча парчалаб ташлайди, индамай қотиб турса, бойқушга ем бўлади. Каламуш ўзига ўзи дебди: “Бало денгизи туғёнга келиб, фалокат тўфони ҳужумга тайёр турибди. Шунга қарамай мен ноумид бўлмаслигим, ўз ҳаётимни қутқаришим керак. Бу ҳолда менга ақлдан яхши мададкор йўқдир. Ақлли ҳеч қачон саросимага тушмаслиги, қалбини даҳшат ва ташвиш чулғаб олмаслиги керак. Энди мен учун ягона нажот йўли бало занжирида талпиниб ётган ва менинг ёрдамимга муҳтож бўлган мушук билан келишиб дўстлашмоқликдир. Балки у ўз вазиятини назарда тутиб, менинг сўзларимга қулоқ осар ва душманликдан воз кечиб, халос бўлиш учун маслаҳатларимни

қабул этар. Шундай қилиб, ҳар иккаламиз балодан омон қоламиз”. Шу қарорга келган каламуш мушукдан: “ҳол-аҳволинг қалай?” - деб сўради.
-Бундай бало домига тушиб, азият чекканларнинг аҳволи қандай бўлар эди? - деди мушук зорланиб.
-Шу вақтга қадар сен ғамнок бўлсанг мен қувонар эдим. Ҳозир иккимизнинг бошимиз хатарда қолди. Мен бу балодан қутулиш учун сендан нажот кутаман ва шу сабабли сен билан дўстлашмоқчиман. Агар менга тегмасанг ёнингга бориб бандларингни кесиб сени ҳам озод қиламан. Сўзларимга ишон, хайрихоҳ эканимга шубҳа қилма. Ҳеч кимга ишонмайдиган ва ҳикмат эгаларининг сўзларига қулоқ солмайдиган киши бахтли ҳаёт кечиролмайди. Ақл эгалари ишни пайсалга солиб, фурсатни қўлдан бермайдилар. Кема дарғанинг саъйи ҳаракати билан соҳилга етиб боргани каби халос топишимиз икковимизнинг ҳаракатимизга боғлиқ бўлиб турибди.
-Сенинг бу гапларинг ақлга мувофиқ, - деди мушук қувониб. - Таклифингни бажону дил қабул этаман ва ўлгунимча сендан миннатдор бўламан. Дебдурларки, душман сен билан сулҳ тузишни истаса, унинг узатган қўлини қайтарма.
-Мен ҳозир сен томон юраман. Олдингга борганимда мени меҳрибон дўст каби кутиб ол, душманлар иноқлашганимизни кўриб, жўнаб қолсинлар. Шундан кейин мен тузоқ ипларини қирқишга киришаман.

Мушук бу маслаҳатни ҳам қабул қилгач, каламуш ишга киришди. Лекин мушукнинг назарида у имиллаётгандай кўринди.
-Мен сенинг аҳдингга ишонган эдим, - деди тоқати тоқ бўлган мушук. - Душманларинг кўздан йўқолиб, хатардан қутулганингдан кейин сўзингдан қайтмоқчимисан?
-Мен берган сўзимнинг устидан чиқаман, лекин ўз жонимни сақлашни ундан афзалроқ деб биламан. Мен душманларим ҳужумидан сенинг ёрдаминг туфайли омон қолиш мақсадида дўстлашишга мажбур бўлдим. Аммо сенинг у душманларимдан ҳам хавфлироқ эканингни унутганим йўқ. Мен таҳликани даф этиб, хатарли ишларнинг олдини олиш учун сен билан муроса қиляпман. Бу вақт ва замон тақозоси билан қилинган бир тадбирдир. Ҳар ишнинг ўз ери, ҳар соатнинг ўз ҳукми бордир. Вақтни ўтказиб, мавқеини қўлдан бермоқлик калтабинликдир. Мен тўрнинг ипларини қирқаман, хотиржам бўл. Аммо битта асосий бандни жонимнинг гарови сифатида сақлаб тураман. Уни сен ўзинг билан овора бўлиб, менга ҳужум қилишдан кўра муҳимроқ ташвиш билан машғул бўлиб, ўз жонинг ғамини еб қолганингдагина кесаман. Ана шунда сен банддан озод бўласан, мен ҳам сендан қутуламан.

Каламуш айтганини қилди. Бир оздан кейин узоқда овчининг қораси кўринди.
-Энди охирги бандни кесмоқ, ваъда устидан чиқмоқ вақти етди, - деди каламуш.

Мушукнинг кўзи овчига тушиши биланоқ ўлим ваҳмида қолди. Каламушни ҳам унутди. Шунда каламуш охирги бандни қирқди. Мушук жонҳолатда сапчиб, дарахт устига чиқиб кетди. Каламуш эса инига кириб кетди. Эртаси куни инидан мўралаб мушукни кўриб қолди.
-Эй дўстим, нега мендан хавфсирайсан? - деди мушук.- Қўлга киритилган энг яхши ноёб нарсани - дўстлигимизни сақлаб қолиш керак. Яқинроқ кел, мен яхшилигингни қайтарай, мурувват қилиб, мардлигим ва сахийлигимни кўрсатай.

Мушук садоқатдан қанча гапирса ҳам каламуш инидан чиқмай деди:
-Зоти душман бўлиб, дўстликдан лоф урганларга, дилида ғаним, тилида дўст бўлганларга ишониш мумкин эмас.

Бу каби масалларни ўқиб ёки эшитиб ҳайрон қоласан киши: ҳайвонларнинг ақли етган нарсаларга онгли жонзот ҳисобланмиш одамларнинг ақли калталик қилиб қолади. “Сен ўзингга дўст ахтар, душман ўчоқ бошидадир”, деган ҳикматга кўпинча аҳамият берилмайди. Ўша - ўчоқ бошидаги манфаат дўстлиги кўзни шамғалат қилиб қўяди. Тўшаги тикандан, ёстиғи илондан бўлган одамнинг уйқуси ширин бўла олмайди. Инсон идрокининг расолиги, ақли комиллигининг аломати шуки, дўстларидан бири душманлик қилса ё ғурурланиб кетса бунга қарши дарҳол чора кўради. Масалан, аввал юмшоқ сўз билан, сўнг эса кескир сўзлар билан кўнгли яраланади. Бу ҳам таъсир этмаса, қўл билан урилади. Бу ишлар ёмонлик эмас, эзгулик саналади. Шунда ҳам тўғри йўлга келмаса, у билан дўстлик ипи узилади. Чунки у фосиқдир. Фосиқ билан бўлиш эса яхши амалларни бузади. Лекин у биродарига Аллоҳдан ҳидоят тилаб, яхши дуолар қилаверилади. Худди Робиъа (раҳматуллоҳи алайҳо) каби. Робиъа доим муножотда дер эканларким: “Илоҳи! Дунёда менга неки берар бўлсанг, душманларга ҳам бер! Охиратда менга не берар бўлсанг, дўстларга ҳам бергил!” Бу дуода чуқур маъно ва ҳикмат бордир. Яъни бу дунёда менга берилган ҳидоятни, ишқни, иймонни... душманларимга ҳам бергилким, улар залолатдан чекинсинлар. Охиратда эса менга жаннатни раво қилсанг, дўстларимга бергин бу неъматни, дейилмоқчи.

Истиқлол шарофати туфайли Сталин замонидаги яширин ҳужжатлар билан танишиш имкони туғилди. Фожиа шунда эканки, ўша йиллари қамалган ва отиб ташланганларга ўз дўстлари холис хизмат қилиб берганлар. Абдулла Қодирийни олайлик. Сталин ўзбекда шундай ёзувчи борлигини биларканми? Ёки “Ўтган кунлар” китобини ўқибдими? Усмон Носир қамалганда Сибирдан туриб Сталинга хат ёзган эканлар, ўзларининг айбсиз эканликларини исбот этмоқчи бўлганлар. Масковдаги идора бу хатни текшириш учун Тошкентга юборган. Тошкентдаги “дўстлар” Усмон Носир ижодида халқ душманига хос мазмун борлигини таъкидлаб жавоб йўллаганлар. Бу ўринда биз хусумат, ҳасад, ғараз каби иллатлар булоғидан сув ичиб семирган дўстликка дуч келяпмиз. Дўстларнинг ҳасади душманларнинг хусуматидан ёмондир, деган ҳикмат шу ўринда ўз исботини топади. Ҳа, душманлардан кўра баъзи дўстлар кишига кўпроқ зарар етказадилар. Чунки душмандан эҳтиёт бўласан, аммо дўстларнинг душманлигидан қутулиш қийин. Дейдиларким: “Чин душманнинг агарчи ҳийласи таъсир этмади, макр этмакдин ожиз бўлса, ҳийла била дўстлик мақомиға келур ва ондин сўнг дўстлиғ сурати била андоқ ишларни қилурким, ҳеч бир душман они қила олмас”.

Ножинс кишининг зарар етказишини ўйламай, у билан дўстлашиб, суҳбатдош бўлиб юрган одамнинг охири ғам-ҳасратга гирифтор этилажагига тоғам - Мирзакалон Исмоилийнинг қамалишларига доир ҳужжатлар билан танишиб чиққанимда ишонган эдим. Тоғам бу воқеалар ҳақида гапиришни истамасдилар. Мени ажаблантирган нарса -ёзувчига қарши туҳмат қилганлар унинг энг яқин дўстлари эди. Уруш йиллари елкама елка турган дўстлар туҳматдан ўзларини тия олмаганлар. Мен у кишиларни танир эдим. Чунки тоғам қамоқдан чиққанларидан кейин ҳам улар билан дўстликларини узмаганлар. Уларнинг туҳматчи эканликларини билганлар, аммо айбларини кечирганлар. Тоғам-ку, дўстликни сақлаб қолиш учун кечиргандирлар. Аммо Аллоҳ кечирганмикин? Донолар дерларким: “Душман сўзи билан дўст паймонин синдурдинг. Кўргилким, кимдин жудо бўлуб, ўзунгни кимга еткурдинг?” Туҳмат билан қамалганлар озодликка чиққанларида туҳматчи дўстлари уларнинг кўзларига қандай қарадилар экан, мен шу ҳақда кўп ўйлайман.

Жалолиддин Румий ҳазратлари “Оқил дўсти бор кишининг ойнага муҳтожлиги йўқ”, деган эканлар. Биз шуни сал ўзгартириб: “Хоин дўсти бор кишининг душманга муҳтожлиги йўқ”, десак қалай бўларкин? Аввалги йили марҳум бир ёзувчининг туғилган куни нишонланди. Сўзга чиққанлар унга дўст бўлганларини қайта-қайта таъкид этиб у зотни шарафладилар. Аммо бирортаси “биз у билан дўст эдик, ошхўрлик ёки пивохўрлик қилардик, афсуски қамаладиган пайтда уни ҳимоя қила олмадик”, демади. Ҳолбуки ҳужжатлар далолат беришича, дўстларини ҳимоя қилишга уриниш у ёқда турсин, Ёзувчилар уюшмаси сафидан ўчириш чоғида ёмонлаганлар, “халқ душмани” деган тамғани ўзлари тайёрлаб берганлар. Бу дўстлар ўша даврда қўрқоқлик қилгандирлар ёки бошқа сабаб бўлгандир. У замон учун айблашимиз балки нотўғридир. Энди ноҳақ жабр кўрган дўст вафот этган, туҳматчи, бевафо дўстларнинг умри ҳам куз япроғига ўхшаб бир шохчага илиниб турибди. Шуни фаҳм этиб, тавба қилиб олсалар бўлмасмикин? Уларни тавба қилмаганлари учун айбласак тўғрироқ бўлар. Бироқ, бизнинг мақсадимиз уларни айблаш ва ҳукм чиқариш эмас. Бу воқеаларни эслашдан мақсад - ёшларнинг эътиборини тортишдир. Чунки бу каби хоинликлар фақат битта замонга хос эмас ва бутунлай йўқ бўлмайди. Бугунми ё эртагами бошқача кўринишда юз очаверади.

“Кимки биродарига, унинг молига ёки обрўсига зулм етказган бўлса, динор ва дирҳам бўлмаган кунда ундан олинмасидан аввал у билан розилашиб олсин. Агар яхши амаллари бўлса, зулмига яраша яхшиликларидан олинади. Яхши амаллари бўлмаса, мазлумнинг гуноҳларидан олиниб, унга берилади, кейин у дўзахга ташланади”. Шарафли ҳадисда баён этилган бу ҳақиқатни унутмасак дуруст бўлар эди.

Дўстлар орасидаги муҳаббат занжири қанчалик бақувват бўлмасин, уни уза оладиган куч топилади. Унутмаслик керакки муҳаббатли, чин дўстларнинг биродарлигини кўролмайдиган ҳасадгўйлар кўп учрайди. Улар шунчаки ҳасад қилиб юра қолишмайди, дўстлик занжирини узишга обдон уринишади, уза олишса роҳатланишади. Булар “Фақат Аллоҳ учун бировни дўст тутиш ва фақат Аллоҳ учун душман тутиш Аллоҳ таоло ҳузурида севимли амаллардандир”, дейилган ҳадиси шарифдан бехабар жоҳил инсонлардир. Яна бир масалнинг ўрни келди:

Бир оролда маймунлар салтанати мавжуд эди. Подшоҳи ақлли ва доно эди. Бироқ, умрининг баҳори ўтиб, қарилик исканжага ола бошлагач, ўрнини пешанасида саодат нури порлаган ёшга бериб ўзи денгиз қирғоғидаги ўрмонда ёлғиз яшай бошлади. У бир анжир дарахтига чиқиб, меваларидан тановул қилди. Шу онда бир анжир меваси узилиб, сувга шалоплаб тушди. Бу овоз маймунга ёқиб қолиб, дам-бадам анжир узиб сувга ташлайверди. Шу сувда бир тошбақа сузиб юрган эди. У маймун ташлаган анжирларни тутиб маза қилиб егач: ”Маймун буларни атайин мен учун ташлаяпти, таниш бўлмагани ҳолда шунчалар меҳрибонлик кўрсатяптики, агар дўстлашиб олсам муҳаббати бунданда зиёда бўлар”, деб ўйлади-да, қирғоққа чиқиб у билан саломлашди. Шу тарзда дўстлашиб қолдилар.

Маймун подшоҳ бўлганини, энди кучдан қолиб шу ерларда ҳасрат билан яшаётганини сўзлаб берди. Тошбақа унга маҳлиё бўлиб қолдиким, ҳатто уй-жойига, хотини ҳузурига қайтишни ҳам унутди. Тошбақанинг хотини эрининг узоқ муддат хабарсиз кетганидан хавотирланиб, қўшнисига арз қилди. Қўшниси: “Мен эшитдимки, эринг бир маймун билан дўстлашиб, унга мафтун бўлибди, унинг васлини сенинг ҳижронингдан устун тутиб, сенинг фироқинг оловини унинг висоли суви билан ўчириб юрибди. Энди ғам чекишнинг фойдаси йўқ. Бир тадбир кўриш керакким, токи эринг уйга қайтсин ва у дўстни унутсин”, деб маслаҳат берди. Улар ўйлай-ўйлай “маймунни ўлдиришдан бошқа чора йўқ”, деган қарорга келишди. Тошбақанинг хотини “оғир хастаман”, деб эрига хабар жўнатди. Тошбақа маймунга узр айтиб уйига келиб қарасаки, хотинининг аҳволи оғир. Тошбақа савол сўраса жавоб бермайди. Шунда қўшниси:
-Беморнинг дарди оғир, маймуннинг юрагини пишириб емаса ўлиши тайин, - деди.

Тошбақа “Маймуннинг юрагини қаердан топсам экан?”-деган ташвишда ғамга ботди. Қанча ўйламасин бирон-бир чора топа олмади. Охири дўсти бўлмиш маймун ёдига тушиб, ўзига ўзи деди:
-Агар орамиздаги дўстлик ва садоқатга қарамай унга хиёнат қилсам, бу номардлик ва инсофсизлик бўлади; агар аҳдга вафо қиламан десам уйимнинг таянчи, ҳаётимнинг безаги, фарзандларимнинг паноҳи бўлган хотинимдан ажралиб қоламан.

Тошбақа анчагина вақт бу ҳақда ўйлаб изтироб чекди, шубҳа ва тараддуд ичида қолиб, ниҳоят хотинининг ишқи ғалаба қилди. Оқибатда у вафодорликдан воз кечиш қарорига келди. Лекин яхши билардики, маймунни бу ерга келтирмагунича мақсадига эриша олмайди. Шу боис у маймуннинг ҳузурига қайтди. Айрилиқ ўтида ёнаётган маймун уни зўр қувонч билан кутиб олиб, оиласининг ҳол-аҳволи, хотинининг сиҳат-саломатлиги билан қизиқди.
-Сенинг фироқинг ўти шундай ёндирдики, уларни кўришдан бирон ҳам лаззат ололмадим, - деди тошбақа. - Ёлғизлигинг эсимга тушганида тинчлигим бузилиб, дунё кўзимга қоронғу бўлиб кетди. Мен сени уйимга олиб кетгани келдим. Марҳамат қилиб борсанг, фарзандларимни кўриб, хаста хотинимни ташрифинг билан севинтирсанг, қавм-қариндошларим, дўст-ошналарим олдида бошим осмонга етарди. Улар тайёрлаб қўйган овқатларини олдингга қўйиб, меҳмондўстлик бурчларини бажарсалар. Шу билан менга кўрсатган меҳрингга яраша оз бўлсада жавоб қайтара олганимдан қувонардим.

Бу гапларни эшитган маймуннинг қалбига ҳаяжон оралаб деди:
-Сен дўстлик ва аҳд-вафода мени ўзингдан устун қўйма, чунки орамиздаги дўстлик ипини сен бошлаб мустаҳкамладинг. Энди мен ўз кўнглимнинг ҳоқониман. Сен билан дўстлашганимдан бери бахт-саодат ичида яшаяпман. Агар бу дўстликнинг роҳатбаҳш шамоли менинг димоғимга аввал етганда эди, бундай тинч, бахтли яшашнинг шундай ширин эканлигини билсайдим, фойдаси оз, ғами эса кўп ҳукмдорликдан аллақачонлар воз кечиб юборган бўлардим. Саховат аҳли назарида дўстлик ғоят бебаҳо нарсадир. Ҳақиқий дўстларнинг бири машриқда бошқаси мағрибда бўлса ҳам барибир, бир-бирларини эслаб ва шундан тасалли топиб яшайверадилар. Денгиз сафарига чиққан одам ўзига ҳамроҳ ахтаради, лекин дўстлари бундай сафарга бормасалар, буни душманлик деб ҳисобламаслик керак. Сен меҳмонга таклиф қиляпсан, майли борай, аммо сувдан сузиб ўта олмаслигимни биласанми?
-Хотиринг жам бўлсин, сени ўз орқамда кўтариб, манзилимга олиб бораман. Сен у ерда роҳат ва фароғатда яшайсан, - деди тошбақа.

Хуллас, маймун ўз тақдирини дўстига топширди. Тошбақа уни орқасига миндириб, сувда сузиб кетди. Ярим йўлга етганда ўйланиб қолди ва ўз-ўзига деди:
-Олимлар “вафосизлик ва хиёнат, айниқса эътиборсиз хотинлар учун қилинган хиёнат энг катта гуноҳдир”, дейдилар. Улуғларнинг яна шундай гапи бор: “Олтиннинг софлигини ўтда, ҳайвоннинг кучини оғир юк ортилганда, инсоннинг тўғрилигини омонатга хиёнат этмаслигида билса бўлади. Ҳар ҳолда донолар хотинларнинг макр-хийлаларига алданмасликни аъло кўрадилар.

Тошбақа бир-бирига зид шундай фикрларга банди бўлиб, сув ўртасида тўхтаб қолди. Унинг қалбида қандайдир ғалаён мавжудлигини сезган маймун шубҳаланиб, дўстидан сўради:
-Сенга нима бўлди, фикрлар уммони сени ғарқ этяптими ё мени кўтариш сенга оғирлик қиляптими? Сезиб турибман, сени виждон азоби қийнаяпти. Сен шу дамда ўз нафсинг билан курашяпсан.
-Виждоним қийналаётгани рост. Сен бизникига биринчи марта боряпсан. Хотиним касал, уй ивирсиб ётгандир, сени кўнгилдагидек кутиб ололмасам-чи, деб кўнглим ғашланяпти, - деди тошбақа сир бой бермасликка тиришиб.
-Сенинг номусли ва тўғри бўлганлигинг, мени дилдан дўст ҳисоблаб яхши ният билан уйингга олиб бораётганлигингни билиб турибман. Ўтиришимиз қанчалик содда, дастурхон қанчалик фақирона бўлса, суҳбатимиз шунчалик самимий ва ширин бўлади. Сен бу борада ташвиш тортма.

Тошбақага бу далда маъқул келгандай бўлиб яна бир оз сузди-ю, ўй-хаёлга берилиб, яна тўхтади. Бундан маймуннинг шубҳаси ортди ва ўзига-ўзи деди:
-Дўстидан шубҳа қилган одам ўша соат тадбир кўриб, унга нисбатан эҳтиётли муносабатда бўлиши, ўзини сақлаши керак. Агар шубҳалари тўғри чиқса, муқаррар бўлган фалокатдан ўз жонини сақлаб қолган бўлади. Гумони хато бўлиб чиқса, эҳтиёткорлик қилгани учун уни койимайдилар.

Юрак тез-тез ўзгариб тургани учун уни қалб* деб атаганлар. Ҳар дақиқада у нима хаёлга тушади, нияти яхшими ё ёмонми билиб бўлмай қолди.

Маймун хаёлидан шуларни ўтказиб дўстидан “Яна нима бўлди, яна хаёл дарёсига чўкдингми?” - деб сўради.
-Нима қилай, хотинимнинг касаллиги, сиҳатининг ёмонлиги хаёлимни паришон қилмоқда.
-Дўстлик ҳурмати учун юрагингдаги ташвишни очиқ айтдинг. Хотинингнинг дардига нима даво экан, табиблар айтишибдими?

  • “Қалб” - араб тилида “айланувчи”, “ўзгарувчи” деган маънони англатади.

-Табиблар шундай дармон белгилашганки уни топиш мумкин эмас.
-У қандай дармон экан?
-Маймуннинг юраги...

Буни эшитиб маймуннинг қути учиб кетди. Кўз олди қоронғилашди ва ўзига-ўзи деди:

“Мени бу даҳшатли фалокатга судраган нарса баднафслик ва очкўзлик бўлди; мени бу қўрқинчли гирдобга шуҳратпарастлик ва ҳарислик солди. Энди эса мени ҳийла ва тадбирдан бошқа ҳеч нарса халос эта олмайди. Агар оролга борсам, ўлишим муқаррар, ўзимни бу ерда сувга ташлаб қочмоқчи бўлсам, чўкиб кетишим тайин...”

Маймун шу фикрларни хаёлидан кечириб, дўсти тошбақага деди:
-Олимлар айтубдирларки, халққа зарур бўлган озуқани яширган шоҳ, биродарларининг бахтли бўлиши учун керак нарсани бермаган дўст “шоҳ” ва “дўст” деган номларга нолойиқдирлар. Мен хотинингни қанчалик севишингни биламан, унинг соғайиб кетиши учун зарур бўлган дармонни бермаслик дўстликка хиёнат қилиш демакдир. Менга хотинингнинг дарди маълум, чунки бизнинг маймун хотинларда ҳам бунақа хасталик тез-тез учраб туради. Биз уларга юракларимизни бериб, даволардик. Ўзимиз эса юраксиз ҳам яшаб юраверардик. Агар сен буни соҳилда айтганингда, мен юрагимни ўзим билан бирга олиб чиқар эдим. Қариган вақтимда менга юракнинг сираям кераги йўқ. Қайтага уни кўтариб юриш мен учун ортиқча юк, ортиқча заҳмат. Чунки шу пайтгача юрагимга қўнган ғам-андуҳлар жуда ҳам кўп. Кеча юрагимнинг дарди бир оз камайсин, деб жойидан олиб қўйган эдим.
-Юрагингни нима учун уйда қолдирдинг? - деб сўради тошбақа ажабланиб.
-Маймунларда бир одат бор: яқин дўстларининг уйларига кетаётганларида меҳмондорчилик яхши ва ширин ўтсин, деб ғам ва алам маскани ҳисобланган юракларини ўзлари билан олиб бормайдилар. Ақлли ва иффатли хотинингнинг хасталигини эшитгач, юрагимни олиб борсам эзилиб кетади, деб ўйладим.

Албатта, сен менинг дўстлигимни синагансан, шунинг учун сўзларимга ишонасан. Лекин сенинг қавму қариндошинг “қалин дўст бўлса ҳам ўзига унча зарур бўлган нарсани бизга беришни истамаяпти”, деб бадгумон бўлишлари мумкин. Яхшиси, орқага қайтайлик-да, юрагимни олволайлик.

Тошбақага бу таклиф маъқул келиб, орқага қайтди. Қирғоққа етишгач, маймун бир-икки сакраб, дарахт устига чиқиб кетди...

Масалдан олинажак маъно шуки, дўстлик саройини тиклаш осон эмас, тикланган саройни турли офатлардан сақлаш унданда қийинроқ. Офатлардан бири айнан шу - фитна. Фитна бўронини ҳар томондан кутиш мумкин. Аввал айтганимиздек, ўзини дўст деб танитган учинчи одам, фарзандига дўсти томонидан ёмонлик келишидан гумонсираган ота-она ёки масалда баён этилган - хотин. Дўст либосидаги фитначилар ҳаётда бошқаларга нисбатан кўпроқ учрайди. Уларнинг қўлларида ғараз қиличи бордир ва бу қилич аёвсиздир. Фарзандини дўстидан айирмоқчи бўлган ота-онада ғараз йўқ. Фарзандлари танлаган дўст айрим ҳолларда ота-оналарга ёқмаслиги мумкин. Ота-она бу дўстга баҳо беришда кўпроқ унинг ота-оналари нуфузига эътибор қаратадилар. “Яхши оиланинг фарзанди, демак, у билан албатта дўстлашиш керак”. Уларнинг ҳукми шу! Бу ҳукм кўпинча алдамчи хулосаларга асослангани учун хато бўлади. Ота-оналар ўзларининг калтабинликлари ва ўжарликлари туфайли фарзандларини яхши дўстлардан ҳам айириб юборадилар. Аввал насиҳат билан, сўнг қатъий талаблар билан, агар булар таъсир этмаса бирон-бир иғво билан бўлса-да, муддаоларига эришадилар. Фарзандларининг дўстдан айрилиши ота-она учун жиддий масала бўлиб туюлмайди. Фарзандлари бирон тугмача ёки рўмолча йўқотсалар ачинишлари мумкин, аммо дўстни йўқотсалар ачинмайдилар. Бу йўқотиш ўзларининг ҳаракатлари натижаси бўлса “шу боладан узоқлашганига шукр”, деб қувонадилар.

Азизлар, эҳтимол шу онда сизнинг кўнглингизда ҳам ўғлингиз ёки қизингизнинг бирон дўстига нисбатан норозилик бордир. Сиз уларни ажратиб юборишга киришишдан аввал ўйлаб кўринг: у йигит (ёки қиз) сизнинг фарзандингизга дўст бўлишга нолойиқ экан. Хўш, ўзингизнинг фарзандингиз бошқаларга дўст бўлишга лойиқми? Сиз фарзандингиз дўстини узоқлаштириш чораларини ўйлаб ўтирганингизда қайсидир хонадон соҳиблари сизнинг фарзандингизни ноқобил дўст ҳисоблаб ўз фарзандларидан нари қилишни ўйлашаётгандир? Икки дўстни ажратишдан аввал яна ўйлайлик: фарзандимиз бундан кейин яна шундай дўст топа олармикин? Эҳтимол биз ёмон деб тамға босаётган дўст даражасидаги бошқа одамга умр бўйи муҳтож бўлиб яшар? Албатта фарзандларимизнинг дўст танлашларига эътиборсиз қарамаслигимиз керак. Уларнинг бу борада тажрибасиз эканини унутишга ҳаққимиз йўқ. Аммо биз билан ёшлар ўртасида йигирма-ўттиз йиллик фарқ борлигини ҳам унутмайлик. Замонлар ўзгарувчан эканини ҳам ҳисобдан чиқармайлик. “Менинг ёшлигимда дўстим шундай эди”, деган гаплар бугунга тўғри келмай қолиши мумкин.

Хотинлар масаласи ниҳоятда нозикдир. Икки бўйдоқ дўст орасида хотин пайдо бўлгач, уларнинг муносабатларида ислоҳга эҳтиёж сезилади. Оила қурган йигит (ёки қиз) эътиборини кўпроқ оилага қаратишга мажбурдир. Энди оила мустаҳкамлиги биринчи галдаги вазифага айланади. “Хотинни деб улфатларимдан воз кечмайман” дейдиганларни калтафаҳмликда айблашга ҳаққимиз бор. Деярли ҳар куни чойхонадами ё бошқа ердами улфатчилик қиладиганларни учратиб турамиз. Қанчадан қанча келинчаклар бу серулфат, оилага меҳрсиз эрларни тун ярмигача кутадилар. Аввал ўзлари сўнг фарзандлари билан кутадилар. Бу одамлар дўстликни фақат улфатчилик, зиёфатдан иборат деб янглишадилар. (Бу ҳақда тарбия бобида ҳам бир-икки сўз айтган эдик, ёдингиздами?)

Йигитлар уйланишгандан кейин янгича улфат ташкил қиладиган бўлиб қолишди. Бу улфатда (“гап”да) жуфт-жуфт бўлиб ўтириш. Дўстлигимиз янада мустаҳкамлансин, аҳли аёлларимиз ҳам бир-бирлари билан борди-келди қилишсин, деган мақсадлари яхши. Аммо улфатчилик тарзи яхши натижа бермайди. Аёллар орасида турли ғийбат чиқиши табиий.

Ундан ташқари орада шайтони лаъин борлигини унутмаслик шарт. Биргина беҳаё кўз қараши билан дўстликнинг ҳам, оиланинг ҳам бузилиб кетишига мисоллар етарли. Дўст қанчалик содиқ ва солиҳ бўлмасин, у хотин учун номаҳрам саналади. Дўстликни сақламоқчи бўлган биродарлар шу ҳукмга итоат этсалар мақсадга мувофиқдир (Оила бобидаги мисолни эслайлик).

Дўстларни ажратишга уриниш алоҳида шахслар орасида учраб туришига гувоҳ бўламиз. Худди шу нарсанинг давлатлар орасида ҳам мавжудлигига унча эътибор бермаймиз. Ҳолбуки икки давлат дўстлигининг бузилишидан турли фожиалар туғилади. Икки шахс дўстлигининг бузилишидан шу икки кишининг ўзи ёки атрофидаги беш-ўн яқинлари азият чекишлари мумкин. Бироқ, икки давлат дўстлигининг бузилишидан мингларча одамларнинг ёстиғи қуригани ҳақида тарихдан мисоллар кўп. Афсус шуки, икки шахс ва икки давлат орасидаги дўстликни бузишга уриниш тирик жараён, ҳеч қачон ўлмайди. Ўлдириб ҳам бўлмайди. Кишининг эҳтиёт чораларини кўриб юришдан ўзга чораси йўқ. Аввалги жамиятда “халқлар дўстлиги” деган иборани кўп ишлатардик. Шу дўстликни мустаҳкамлаш учун тадбирлар ўтказиларди. Ҳарбий хизматда эканимда юз берган бир воқеани ҳануз унутмайман. Табиийки, қисмда турли миллат фарзандлари бор эди. Кунларнинг бирида “Халқлар дўстлиги” кечаси ўтказилди. “Клуб” деб аталмиш бинода халқлар дўстлигига ҳамду санолар айтиларди, ташқарида эса ўша турли миллат фарзандлари муштлашарди. Оддий муштлашув пичоқбозлик ва қотиллик билан якун топди. “Халқлар дўстлиги” тантанасининг эртасига икки аскар йигитнинг мурдаси уйига жўнатилди. Бу фожиага “миллий зиддият” деган тамға босилмади. Оддий безорилик натижаси сифатида қаралгани тўғри эди. Чунки бошланган муштлашув замирида миллатни ҳимоя қилиш тушунчаси йўқ эди. Лекин лозим бўлиб қолган тақдирда унга миллий адоват либосини кийдириш ҳам мумкин эди. 1988 - 89 йилларда Фарғона ва Ўш фожиаларида шундай бўлди. Турклар кўчириб келингандан кейинги йиллар давомида ўзбек ва турк йигитлари орасида озми-кўпми муштлашув бўлиб турган. Қотиллик ҳам бўлгандир. Аммо унга ҳеч ким миллий адоват нуқтаи назаридан қарамаган эди. Масала айбдорларни жазолаш билан якунланган эди. Лекин ўша йилларга келиб қайси бир нодон сиёсатчиларга каттароқ жанжал кўтариш керак бўлиб қолди ва оддий тўқнашувга сиёсий тўн кийдирилди. Оқибатда юзлаб бегуноҳ одамларнинг қони тўкилди. Энг муҳими - дини бир, урф-одатлари бир халқларнинг қони тўкилди. Неча юз йиллар давомида ёнма-ён яшаган ўзбек йигити билан қирғиз йигити бир-бири билан муштлашмаганмиди? Йигитчиликда бўладиган гаплар булар. Жанжал кучайган тақдирда бири иккинчисига пичоқ тортиб юборган бўлиши мумкин. Бироқ тўда-тўда бўлиб уйларга бостириб кирмаганлар, бегуноҳ одамларни ўлдирмаганлар, чақалоқларни тириклайин ўтга ташламаганлар. Совет Иттифоқи деган мамлакат парчаланишини олдини олиш учун биз томонлардаги халқларни бир-бирларига ёвлаштириш зарур эди. Бу фитна шу сабабли амалга оширилди. Ўзбекистон томоннинг оғир-босиқлиги, мулоҳазакорлиги туфайлигина фитначиларнинг мақсади тўла амалга ошмади. Улар ўзбеклар Ўшдаги биродарларининг ҳимоясига ташланишади, деган умидда эдилар. Агар шундай бўлганда инсон қонлари дарё бўлиб оқиши мумкин эди.

“Халқлар дўстлиги” деган нарса албатта яхши. Аммо буни рисоладагидай амалга ошириш мумкин эмас. Назаримизда халқлар орасидаги айрим шахслар ўзаро дўст бўлишлари мумкин. Уларнинг бу дўстлиги халқларни бир-бирига яқинлаштириб туради. Айрим халқлар орасида айрим одамларнинг бир-бирларига ёвлиги биз хоҳлаётган ўзаро дўстлик йўлига ҳамиша тўғон бўлиб туради. Шу боис ўша айрим шахслар дўстлигини эҳтиёт қилишимиз зарур. Албатта каминанинг бу фикри сизларда баҳс уйғотиши мумкин. Шу боис бу мавзуни миллат ва дин ҳақидаги бобда давом эттирсак, деган таклифим бор.

Демак, мавзуга қайтамиз: фарзандингиз сиздан “у ўртоғимни ёмон дедингиз, бунисини ялпоқ дедингиз, қанақа одам билан дўст бўлайин?” деб сўраб қолса, жавобга тайёрмисиз? Эҳтимол мана бу жавоб сиз билан бизга маъқул келар?
-Ким дўстларига нисбатан макру ҳийла билан иш тутса, дўстлари унга нисбатан ёлғонни “туҳфа” қиладилар.

Душман билан яқинлашган кишидан унинг дўстлари қочадилар. Сўрасаларким: “Номуносиб дўстдан қандай қутулмоқ мумкин?” Жавоб булдирким: “Зиёратига бормаслик ва бирон нарса сўрамаслик билан”. Сўрасаларким: “Жондин ҳам ширинроқ нарса надир?” Жавоб булдирким: “Беғараз дўст суҳбати”. Сўрасаларким: “Кимлар билан дўстлашмоқ мумкин?” Жавоб бундайдир:
-1. Қаноатли кишилар. 2. Ўз сўзидан қайтмайдиганлар. 3. Олим ва ҳунар соҳибларини қадрлайдиганлар. 4. Хиёнат ва номардликдан нафрат этадиганлар. 5. Яхши хулқли назокатли кишилар. 6. Ғазаб вақтида ўзини қўлга оладиганлар. 7. Сахийлар. 8. Бадахлоқ одамларнинг айшу ишрат мажлисларидан нафратланувчилар билан дўст бўлувчиларнинг йўли саодат йўлидир.

Сўрасаларким: “Кимлар билан дўстлашиб бўлмайди?” Жавоб бундайдир:
-Ақлдан маҳрум бўлганларнинг маслаҳатларига амал қилувчилар; ўз сўзида турмайдиганлар, сўзидан тонувчи ва ёлғончилар; буюк ишлардан сабри тез тугайдиганлар ва кам хафсалалилар; нонкўрлар; ёшининг катталигига қарамай одоб қонун-қоидаларига амал қилмайдиганлар; осонликча хиёнат йўлига тушиб кетадиганлар; пулни ҳаётдан афзал кўрувчи очкўзлар; пасткаш ва маишатпарастлар; ҳаёсизлар; одамлардан сабабсиз шубҳаланиб, уларни асоссиз гуноҳкор қилувчилар; ўзининг заиф эканини била туриб узоқ сафарга чиқишни қасд қилганлар; ўз муаллимини ва бошлиғини танимаган худписандлар билан дўст тутинган кимсанинг йўли оқибат хорлик йўлидир.

Яна дейликки:
-Сенинг ранж-аламингни баробар тортадиган, шодлигингга шодланадиган дўстни изласанг, бундай дўст ноёбдир. Сенга ўзини дўст қилиб кўрсатадиган тасодифий дўстлар эса жуда кўп.

Сўрасаларким: “Агар ҳақиқий дўст топиш менга муяссар бўлса, у билан қандай муомала қилишим керак?” Жавоб бундайдир:
-Ҳақиқий дўст топсанг, унга содиқ бўл, хиёнат қилма. Ҳамма вақт дўст тутмоқни одат қилгил. Зероки, ҳар кишининг дўсти кўп бўлса, айблари шунча сир тутилур ва фазилати кўпаюр. Ҳар кишики дўстларини ёд қилмаса, дўстлари ҳам уни ёд қилмаслар ва оқибат бу киши дўстсиз қолғусидир. Кўнглингдаги дўстлик муҳаббатини сўзинг ва ишинг билан кўрсат, дўстинг сирин ошкор қилишдан сақлан, унинг ёнида бошқаларни ғийбат қилма. Дўстинг муҳтожликда қолса, дарҳол унга ёрдам бер. Унда бирор айб содир бўлса, ҳоли жойда (!) айбини айтиб, юмшоқлик билан насиҳат қил. Агар дўстинг сенинг айбингни айтиб, насиҳат қилса, ундан миннатдор бўл. Ҳар дўстким, сендан ҳеч сабабсиз гинали бўлса, унинг дўстлигидан тамаъ қилмагилки, жаҳонда ундан айблироқ ва ундан ёмонроғи бўлмагай. Билгилким, жаҳонда айбсиз одам бўлмас, аммо сен салоҳиятли, мурувватли бўл, чунки бундайларнинг айби кам бўлурлиги аён. Агар дўстингнинг кўнгли ҳеч гуноҳсиз сендин қолса, уни қайтаришга машғул бўлмагил, бундай таъмагир ва кекчи дўстдан узоқроқ бўлганинг маъқулроқ. Бунд

Абу Ҳамза Бағдодий дебдурларким: “Фақирларни дўст тутиш оғир, унга сиддиқлардан бошқалар чидай олмайдилар”. Ҳаётда кўп учратамизки, молдорлар қашшоқларни хуш кўрмаслар. Шу боис киши ўзига тенг дўст ахтаргани маъқул. Аммо киши молдор - бой бўлсаю қашшоқдан дўсти бўлса бу унинг аъло фазилатидир. Билмоқ жоизким, дўст уч хил бўлади: 1) дўст; 2) дўстнинг дўсти; 3) душманингнинг душмани. Душман ҳам уч хил: 1) душман; 2) дўстингнинг душмани; 3) душманингнинг дўсти. Энди билгилким, дўстларнинг дўстлари ҳам сенинг дўстларингдир. Эҳтимолки, унинг ўша одамга дўстлиги сенинг дўстлигингдан аълороқдир. Агар дўстинг сенинг душманингни севса, бундай дўстдан эҳтиёт бўл. Чунки бундай дўст душман тарафидан сенга ёмонлик қилишдан ҳам андиша қилмайди. Сенинг дўстингга душман бўлган дўстдан ҳам парҳез қилганинг яхши. Ҳар дўстки, сенинг душманингни душман тутмас, уни дўст демагил.

Яна сўрасаларким: “Тасодифий дўстлар билан қандай муносабатда бўлиш лозим?” Жавоб бундайдир:
-Тасодифий, юзаки дўстларга ҳам қўлингдан келганича яхшилик қил. Лекин сиру асрорингдан хабардор этма, улар ёнида ҳар хил сўзлар сўзлашдан тилингни тий. Уларни юзаки муомала билан қувонтириб, кўнгилларини ўз тарафингга мойил қил. Улардан бири кўринмай қолса, бошқа шундай ошна-оғайнилардан унинг аҳволини сўра, бироқ, мол-ашёларингни уларга айтма, ўз аҳволингни яширин тут. Сенга ярим дўст бўлувчилар ҳам учрайди. Улар билан ҳам соз муносабатда бўл, улар сендан яхшиликлар кўравергач, якдил дўст бўлишлари мумкин. Искандардан сўрабдиларким: “Оз сармоя билан бунча кўп мулкни қандай қўлга киритдингиз?” Искандар дебдики: “Раҳмдиллик билан душманларимни қўлга олдим, аҳдга вафо билан дўстларимни йўлга солдим”. Яхши ва ёмон одамни бир-биридан кўнгил кўзи ила ажрата олгил. Уларнинг икковига ҳам дўстлик қилгил. Яхшиларга кўнгил билан, ёмонларга тил билан дўстлик қилгилким, токи икки тоифанинг ҳам дўстлиги сенга нисбатан пайдо бўлсин. Чунки кишининг ҳожати бир дўст билангина раво бўлмас. Бир вақт бўлурким, кишининг ҳожати з
-Ақлсиз одамлар билан ҳаргиз дўст бўлмагил. Ақлсиз дўст ақлли душмандан ёмонроқдир. Чунки ақлсиз дўст шундоқ ишлар қилурки, ақлли душман уни қила олмас. Мурувватли, илмли ва вафоли кишилар билан дўст бўлсанг уларнинг фазилатлари туфайли сенинг ҳам шуҳратинг ортгай. Бемурувват, меҳр-шафқатсиз, илму ҳунарсиз кишилар билан бирга бўлгандан кўра танҳолик афзалроқдир. Дўстга лойиқ одамни икки нарсадан билса бўлур. Бири - дўстининг ҳоли танг бўлиб қолса ёки қашшоқликка юз тутса ундан юз ўгирмайди, балки молини ундан дариғ тутмайди. Яна бири - дўсти вафот этганидан сўнг ҳам дўстининг фарзандлари, қариндошларини ва дўстларини зиёрат қилиб тургай. Уларга яхшлик қилгай. Дўстининг мозорига бориб зиёрат қилгай, хасрат чекиб дуолар қилгай. Ривоят қилурларким, Суқрот ҳакимга “Бутпараст бўл!” деб кўп айтдилар. Ул зот “Бундоқ сўзни айтурдин тил чекингларким, мен ҳаргиз ул ишни қилмасман!” - дедилар. Суқрот ҳакимни ўлдиришга олиб борардилар. Шогирдлари зорлиғ қилиб сўрадилар: “Эй ҳаким, энди ўлимга кўнгил қўймишсиз, айтинг, си

Биз талаб қилаётган дўстга хос фазилатларнинг барчасини бир сўз билан “иймон” деб атасак адашмаймиз. Яъни иймон эгасидагина шу фазилатлар жам бўлади. Демоқчимизки, дўстни иймон эгалари сафидан қидиринг. Иймонсизлар сафида фақат душманни учратасизким, бу ҳақда адоват ва душманлик бобида кейинроқ алоҳида фикр юритамиз.

Иймон осмони остидаги покиза дўстликнинг энг юксак намунаси Аллоҳ ва банда орасидаги дўстликдир. Тилимизда “валий” атамаси бор. Бу “яқин” (дўст) демакдир. Кўплик маъносида “авлиё” бўлади.

Киши ишқ, иймон ва тақвода юқори даражага эришса Аллоҳ уни ўзига дўст тутади ва унга маълум кароматлар беради. Тарихда ҳаёти биз - бандаларга ибрат бўлувчи авлиёлар кўп ўтган. Бу даражага етиш кўпчиликка ҳаддан зиёд оғир ва машаққатли туюлиши маълум. Бироқ “Тасаввуф ҳақида тасаввур” китобининг муаллифи шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг ёзишларича, Аллоҳнинг дўсти бўлиш осон экан. Бунинг учун аввало, Аллоҳга иймон келтириш; иккинчидан эса, тақводор бўлиш, яъни Аллоҳнинг айтганини қилиб, қайтарганидан қайтиб яшаш лозим экан. Кимнинг иймонида заррача хато бўлса ёки Аллоҳнинг кўрсатмалари асосида эмас, ўзганинг йўлида ҳаёт кечирса ёхуд ўз-ўзига йўлланма тузиб олса, у одам Аллоҳга дўст бўлиш бахтидан маҳрумдир. Аллоҳга дўст бўлганларга эса икки дунё саодатининг хушхабари бор. Улар иймонлари ва тақволари туфайли, Аллоҳнинг инояти ила, аввало бу дунёда саодатли ҳаёт кечирадилар. Охиратда эса худди шу иймонлари ва тақволари сабабли жаннатга дохил бўладилар. Бунга Аъроф сурасидаги “Огоҳ бўлингларким, Аллоҳнинг валийларига хавф йўқдир ва улар хафа ҳам бўлмаслар”, ояти каримаси, Юнус сурасидаги “Уларга ҳаёти дунёда ҳам, охиратда ҳам хушхабар бор...” ояти каримаси далил эканини эслайлик. Ҳадиси қудсийда Аллоҳ таборак ва таоло шундай марҳамат қилган: “Эй Одам фарзанди, сен ихлос ва солиҳ амал билан менга хизмат қил. Зеро, Мен яхши амаллар билан хизмат қиладиган кишини дўст тутарман ва унга ҳам солиҳ инсонларни хизматкор қилиб қўяман...” Яна марҳамат қилинадики: “Эй Одам фарзанди, кимки менинг бирор дўстимга адоват ва душманлик қилса ва унга озор берса, билгилки, ундай банда Менга қарши жанг қилишга қасдланганлардан бўлади”.

Ҳа, Аллоҳ дўстларини ана шундай ҳимоя қилади. Шу билан бирга талаб этадики: “Эй Одам фарзанди, Мен сени дўст тутувчиман. Шундай экан, шул дўстлигим туфайли мени ҳам ўзингга дўст тутгил”. “Дўст тутгил” - яъни тоат-ибодат қил, дейилмоқчи. Имом Муҳаммад Ғаззолий ҳазратлари ибодатларни икки гуруҳга бўладилар. Биринчиси - биз билган ва бажараётган одатдаги ибодатлар: намоз, рўза, закот, ҳаж... Иккинчиси - одат тарзидаги ибодатлар. Одат тарзидаги ибодатларнинг энг ёқимлиси -дўстлик, биродарлик қилишдир. Одат тарзидаги ибодатларнинг энг ажойиби Аллоҳ учун севмоқ, Аллоҳ учун дўстлик ришталарини боғламоқликдир. Аллоҳ учун зиёрат қилишнинг улуғ савоби бор. Икки киши бир-бирларини Аллоҳ розилиги учун яхши кўрса, шубҳасиз ҳар иккови Аллоҳнинг севгисига мушарраф бўлади. Ислом динимиз одамларни бир-биридан йироқлатишга ундамайди, аксинча, дўстликни ҳаётда барқарор қилишга ундайди. Бу йўлда юришни истамаганлар эса Ҳадиси қудсийда таъкид этилганидай Аллоҳга қарши қасдланганлар тоифасидан бўлади ва шунга яраша жазо олади.

Валийлик даражасига етиш бахтига мушарраф бўлганларнинг ҳам ўзларига яраша дардлари бўлган. Робиъа Адавиййа (раҳматуллоҳи алайҳо) кўп йиғлар эдилар. “Нечун кўп йиғлайсан?” -деб сўрадилар. Дедилар: “Аллоҳ билан унс (дўст) тутдим. Айрилиқдан қўрқғаймен. Мабодо ўлим вақтида нидо келмасинким: “Сен бизга керак эмассан”, - деб”. Бу ҳолат ҳар биримиз учун ибратдир. Бундан англашимиз лозимки, Аллоҳ билан банда орасидаги, хусусан банда билан банда орасидаги дўстликни авайлашни, асрашни бир нафас ҳам унутмаслигимиз зарур. Робиъа доим зорлик билан бўзлар эдилар. Айтишар эдиким: “Эй охират аёли, кўряпмизки, зоҳир бир касалинг дардинг йўқ. Нечун бундай бўзлайсан?” Жавоб қилдиларким: “Зоҳир хасталигим йўқ, аммо ботинимда бир дард бор, табиблар бу дардни ҳеч муолажа қила олмагайлар. Дардимнинг дармони дўст висолидир”.

Дўст висоли - Аллоҳнинг жамолини кўриш бахтидир. Аллоҳ жамолини бандаларига фақат жаннатдагина кўрсатади. Дўстлик бурчини яхши адо этишимиз баробаринда барчаларимизга Дўст висолини кўриш насиб этсин, деган умидда дуога қўл очайлик:

Ё Раббимиз Аллоҳ! Бизларга дўст неъматини берганинг учун Ўзингга беҳисоб равишда шукрлар қиламиз. Ўзингга сиғиниб сўраймизки, бу неъматингни бизлардан олиб қўйма. Қиёматга қадар туғилиб, яшайдиган зурриёдларимизни ҳам шу бебаҳо неъмат билан неъматлантир. Дўстларимиз билан орамиздаги садоқатни бардавом ва мустаҳкам айла.

Дўстларимизнинг хонадонларига қут ва баракот бериб, ҳамиша Ўз паноҳингда асра. Дўстларимиз орасида беморлар бор, уларнинг дардларига Ўзинг шифо бер. Дўстларимиз орасида ҳожатмандлар бор, уларнинг ҳожатларини Ўзинг раво айла. Дўстларимиз орасида сафарни ихтиёр қилганлар бор, уларнинг сафарларини бехатар қил. Адашган бандаларинг орасида дўстларимиз ҳам бор, гуноҳларини кечириб, уларга Ўзинг ҳидоят бер. Дўстларимиз орасида аразлашганлар бор, уларнинг дилларини Ўзинг кечиримлилик нури билан ёрит. Дўстларимизнинг ишларида омадларини бериб, мартабаларини баланд айла.

Ё Раббимиз Аллоҳ! “Эй ором олувчи нафс, (умринг тугади), энди розилик билан Раббингга қайт!” деган нидо етишиб ва Ҳақ чақириғига “лаббайка” жавобини бериб, қабрларга жойлашган дўстларимиз бор. Уларни Ўзинг мағфират айла. Қиёматдаги савол-жавобни енгил қил. Ўзларидан кейин қолган фарзандлари, қариндошларига сабр бер. Дўстларимизга дўстлик хизматини яхши адо этолмаган бўлсак, гуноҳларимизни кечириб, ул ҳаққига дуоларимизни қабул айла!

Ё Раббимиз Аллоҳ! Дўстларимиз билан бизларни бу дунёда топиштирдинг, Ўзингга шукр, энди қиёматда Ўзингнинг жаннатингда бизларни яна бирга қовуштиришингдан умидвормиз, ноумид қилма. Дўстларимиздан қайси бирларинидир дўзах ўтига ташлаб, дўст айрилиғи азоби билан жазоланишдан Ўзинг асра. Ўзингнинг васлингга дўстларимиз билан биргаликда етишмоқлик саодатига етиштир. Омийн йа Раб ал-оламийн!

II- qism
 
Keyingi