OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
Siz shu sahifadasiz: Tohir Malik. Ov (qissa) / Kiril
 
Асарга баҳо беринг

1 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифТоҳир Малик
Асар номиОв (қисса)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Тоҳир Малик
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Китоблар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм186KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/12/14
Манбаhttp://forum.ziyouz.com/ind...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Ов (қисса)
Тоҳир Малик

«
Сен тебраниб ўртангин,
Мен йиқилиб инграйин.
Сен ўтли ун чекарда
Мен қонли ёш тўкайин.

Абдурауф Фитрат
»

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Эрта саҳарда мўминлар қаторида ўрнимдан турғизган, кўзимга нур берган, онгимни тиниқлаштирган, қўлга қалам олишга имкон яратган Эгамга ҳамд айтмоқ билан ишга киришгумдир. Ё Тангрим, дилимда бир дард уйғонган, уни диндошларимга-да етказишга ўзинг мадад бергайсен. Эй Оллоҳ, бошимга қилич келганида ҳам Сенинг муборак номингни тилдан қўймаган, Ватан ҳурлиги учун жон берган, аммо Ватан тупроғида ётиш насиб этмаган шаҳидларни ўз раҳматингга олғайсен. Ул муборак зотларни қиёматда бандам дегайсен, Расулиллаҳ шафоатларига Ўзинг муяссар қилғайсен, омийн!

Ё Тангрим, Ўзингнинг ризолигинг билан, шаҳидлар руҳини шод этмоқ мақсадида шул асарни ёзмоққа жазм этдим. Биз гуноҳкор бандаларингга Ўзинг ҳидоят, инсофу товфиқ бер...

Мухтасар Муқаддима

Бу тонг Унет сайёраси ташвишли хабар билан уйғонди. Бир этаги денгизга туташ баланд тоғ сийнасига жойлашган кузатув маскани «1248» рақами билан белгиланган сайёрага етиб борган коинот кемасининг ҳалокатга учрагани ҳақида маълумот тарқатди. Кема нима сабабдан сайёра сатҳига қулагани номаълум эди. Унет олимларига маълум бўлган нарса — фазогирларнинг учтаси ҳалок бўлган. Бирови ҳаёт, аммо унинг-да қисмати қоронғи.

Ўша тонг унетликлар тақвимида 2419 йил, эрта куз ойининг ўн биринчи куни бошланди. Унетликлар «1248» сайёранинг номи «Ер» эканини, кемалари Ер вақти билан 1908 йил июнининг ўттизинчи тонгида ҳалокатга учраганини кейинроқ биладилар. Тирик қолган ягона фазогирнинг тақдири эса уларга узоқ йиллар номаълум бўлиб қолаверади.

Ўттиз Йилдан Сўнг...

1

Бу қамоқхона қуш учса қаноти, одам юрса оёғи куймайдиган, аммо қушнинг ҳам, одамнинг ҳам етиб келмоғи мушкул бўлган узоқ бир ўрмонзорга жойлашган эди. Фуқаро урушида чапдастлиги билан донг таратган, Бухоро амирини Афғон чегарасига қадар таъқиб этиб борган, чавандозликда, қилич чопишда тенги йўқ одам келиб-келиб мана шундай овлоқдаги қамоқхонага бошлиқ бўлганидан хафа эди. У осуда ҳаётга тоқат қилолмасди. Сиёсий маҳбусларнинг мўъмин-қобиллиги унинг ғашини келтирарди. Нафсиламбирини айтганда, бу ердагиларнинг барчаси у учун шунчаки сиёсий маҳбус эмас, балки халқ душманлари эдилар. Фуқаро уруши чоғида уларни тамоман қириб ташламаганидан афсуслар чекарди. Яхши ҳамки ақлли одамлар бу қамоққа ўғри-каллакесарларни ҳам юборишган. Бошлиқ дастлаб уларни ишга солиб, кўнгил хуморини ёзди. Ўғри-каллакесарлар биргина ишора билан сиёсий маҳбусларни дўппослаб қолишар, Бошлиқ эса бу манзарани ҳузурланиб томоша қилар эди. Бироқ бу ҳам бора-бора кўнглига лаззат бермай қўйди. Чунки қуруқ томошабинлик Бошлиқнинг табиатига ёт, бундай дўппослашда ўзи иштирок этмаса, дили таскин топмас эди.

Кунларнинг бирида у кўнглига таскин-тасалли берувчи ажойиб бир ўйин ўйлаб топди. Бу ўйин оқибатида бошқармага ғалати маълумотлар бера бошлади: «Фалон исмли, фалон рақамли маҳбус қочишга уринган пайтда отиб ташланди...» Бошқармадагилар бу қамоқхонадан ким қоча оларкин, қочиб қайга бораркин, деб ўйлаб ўтиришмасди. Улар учун энг муҳими — маҳбус тириклайин қочиб кетмабди — кифоя!

Икки кундан бери тинмаётган ёмғир қамоқхона бошлиғининг руҳини тамоман эзиб ташлади. Режаси бўйича кеча овга чиқиши керак эди. Ёмғир ерни атала қилиб юборди. Қадам босганингда этикка бир пуд лой илашиб чиққандан оёқни кўтара олмай қоласан. Туркистонинг иссиқ қуёшига, сара меваларига ўрганган Бошлиқ бу намгарчиликка, ёмғир тинганидан кейин ёпириладиган чивинларга тоқат қилолмас эди. У бирон юмуш билан шуғулланмаса, юраги тарс ёрилиб кетишини ҳис қилиб, тўққизинчи баракдаги айғоқчисини чақиртирди. Тумшуғи олдинга туртиб чиққан айғоқчи остона ҳатлади-ю подшоҳ қаршисида «Буюрсинлар, олий ҳазратлари», деб қўл қовуштирган мулозимдай ювошгина турди. Бу ҳолатда қамоқхона бошлиғи чиндан ҳам подшоҳ, у эса содиқ мулозим мақомида эди. Албатта, Бошлиққа «Сиз подшоҳсиз!» деган одам балоларга қоларди. Чунки Бошлиқ бу сўздан ҳазар қилар эди. Подшоҳу бойларга қарата ўт очган, жаҳон инқилоби учун қилич яланғочлаган одамни «подшоҳ» деб аташни энг улуғ ҳақорат санарди. Кимда-ким журъат этиб «Сен эшаксан!» деса, кечириши мумкиндир, аммо «Сен подшоҳсан!» деган тилнинг оқибатда кесилуви тайин эди. Шунга қарамай Бошлиқ кичик бир мамлакат подшоҳи эга бўлган имтиёзлардан фойдаланарди. Унинг айрим қилиқларига қараб, у ўзини оддий подшоҳмас, Худо деб, қамоқхонадагиларни банди эмас, банда деб билади шекилли, дейиш ҳам мумкин эди.

У мушук боладай титраётган айғоқчисига ачингансимон қараб турди-да, устол устидаги ароқдан истаконга тўлдириб қуйди. Айғоқчи илдам юриб келиб, истаконни қўлига олди-да, тўрт ютумда бўшатди. «Куф» деб қўйиб тилини чиқариб, лабини ялаб қўйди.
— Худо ёрлақасин сизни, — деди.

Бошлиқ унинг юзига тарсаки тортиб юборди.
— Бу хонада Худони тилга олма демабмидим?! — деди Ғазаб билан.

Айғоқчи кутилмаган тарсаки зарбидан бир чайқалди-ю, ўзини тутиб олди.
— Билмай айтворибман, кечиринг. Мулланинг атрофида юравериб, тилим ўрганиб қолибди.
— Бунақа тилни кесиб, итларга ташлаш керак. Хўш, нима дейди мулланг?
— Кўнмаяпти, — айғоқчи шундай деб яна лабини ялади. Бошлиқ жавобдан қониқмаганини англаб, қўшимча қилди: — Индамай ётаверсак гуноҳ-ку, қочиш ҳам жиҳоднинг бир тури, деб ҳам кўрдим.
— Нима дейди?
— Кўп гапирмайди, бош чайқайди, холос.
— Бошқалар-чи?
— Бошқалар анча кўнган.
— Анча деганинг нимаси?
— Муллага қараб туришибди.
— Ўзларида калла йўқми?
— Мулланинг кўзи ёмон. Бир қараса, одамни ғалати қилиб қўяди.
— ғалати деганинг нимаси?
— Қўл-оёқ бўшашиб, жон ҳалқумга келиб қолганга ўхшайди.
— Жонинг ҳалқумингга келдими? — Бошлиқ шундай деб унга қаттиқ тикилди. Сўнг жағига мушт туширди. Айғоқчи икки қадам нарига учиб тушди. Бундай муштдан кейин тепкилаш бошланишини билгани учун ғужанак бўлиб олди. Бу сафар Бошлиқ марҳамат қилиб, тепмади.
— Ёмғир тинганидан кейин қочасанлар, — деб гапни калта қилди.

Айғоқчи чиқиб кетгач, минорадаги соқчилар ўрмонга қараб ўқ ота бошладилар. «Яна келдими?» деб ўйлади Бошлиқ дераза оша ҳовлига қараб. Кейин ёрдамчисини чақириб «Нима гап?» деб сўради.
— Ўқ ўтмас буғу яна пайдо бўлибди, — деди ёрдамчи.

Эрта баҳорда қамоқхона атрофида катта шохдор бир буғу пайдо бўлган эди. Унга қараб отилган ўқ изсиз кетарди. Ҳатто мерганлар ҳам пойлаб отиш-ди — фойда бермади. Шундан сўнг буғуни кўрганда аскарларни саросима босадиган бўлди. Бошлиқ «Ўқ отишса, қўрқувлари камаяр», деган фикрда соқчиларга буғу кўриниши билан отишга рухсат берган эди.

2

Тоза ҳаводан нафас олишга кўниккан таъби нозик одам тўққизинчи баракка кириб қолса, бу жойнинг қўланса ҳидига тоқат қилолмай қочиб чиқиши тайин. Одам бўйидан икки қаричгина баландроқ қилиб солинган бу бостирманинг белдан сал юқорисигина ер сатҳидан тепада. Икки шапалоқ ҳажмдаги дарчалардан хира нур базўр киради. Қўпол эшик очилган маҳалда тоза ҳаво ёпирилиб кириши мумкин. Ғўлалар тирқишидан сизиб ўтувчи ҳаво эса тамаки, тер ва яна алламбалоларнинг ҳидини ҳайдаб чиқара олмайди.

Раҳматуллоҳ бу баракка қадам босган дастлабки дақиқада кўп қийналди. Ўқчиқ тутавериб тинка-мадорини қуритди. Бундан баттар балоларга чидаган одам боласи, тақдир экан, бу сассиқ ҳавога ҳам кўникди. Раҳматуллоҳ билан бирга келган Мирҳосил барак остонасини ҳатлаш билан бурнини беркитиб:
— Худди лаҳадга ўхшайди-я, — деганида Раҳматуллоҳ:
— Ундай деманг, биродар, лаҳад бунақа сассиқ бўлмас, — деб эди.

Қишда ёққан қор барак бўғотигача босиб, Ғўла тирғишларидан кириб турувчи ҳаво йўли ҳам беркилганида, ўпкаси заифроқ маҳбус баҳорга етиб боришидан умидини узади. Раҳматуллоҳ ёмғир ёққан кунлари қийналади. Бошқа маҳал, қор ёғиб турганида ҳам, ўрмонда ишлаб, кўнгли сал овунади. Туни билан қийналган ўпкаси роҳатланади.

Икки кун эзиб ёққан ёмғир уни сил қилиб юборай деди. Кеча оқшомда, жала авжига чиққан маҳалда Бошлиқ «Зерикиб қолишмасин», деб раҳм қилиб, барчани ташқарига қувиб, югуртирди. Ўшандан бери баракдан чиқишга ҳеч кимнинг тоқати йўқ. Раҳматуллоҳ ўрмондаги аллақандай ёввойи меванинг нўхатдек келадиган данагидан ўзи ясаб олган доналарни ўгириб, тасбеҳ айтади. У Оллоҳга нолалар қилмайди. «Э Тангрим, не учун менга бундай азобларни раво кўрдинг, гуноҳим не эди?» деб фиғон чекмайди. Шундайгина ёнида жағини муштумига тираган ҳолда, кирланиб кетган дарча орқали ташқарига тикилиб юзтубан ётган Мирҳосил бир куни шундай деб зорланганида, Раҳматуллоҳ:
— Асти ундай деманг, биродар, неки кўргулик кўрган бўлсак, ўзимизнинг феълимиздан. Қолаверса, Оллоҳнинг имтиҳони ҳам бир марҳамат, — деган эди.
— Мен-ку, Худони унутаёзган бир банда эдим, менга бир оғир синовни раво кўрибдими, тақдиримга тан берай. Аммо сиздай тақво эгасини бунчалар хор қилмаса?.. — деган эди Мирҳосил.
— Астағфируллоҳ! Кимни қандай синашни ўргатмоқ ожиз бандаларнинг юмуши эмас. Кимни иймонга қайтарми ё йўқми, деб синаса, кимни иймони нақадар собит эканини аниқламоқдир, валлоҳи аълам...

«Яъ Ибадии! Иза ибталайту ъабдан мин ъибадии муъминан фаҳамидани ва сабара алайя ма ибталайтуҳу фаиннаҳу яқуму мин маджаъиҳи залика каявма валадатҳу минал хатаяа». (Мазмуни будир: “Эй бандаларим! Мен бандаларим ичидан бир мўъмин кишини 9бирон мусибат етказиб) имтиҳон қилсам, у менга ҳамд айтиб, менинг имтиҳонимга сабр қилса, у ўша жойдан турганида хатодан (гуноҳлардан) онаси туққан кишидек пок бўлиб туради”. Хадиси Қудсийдан)

Табиатан жиззакироқ бўлган Мирҳосил Раҳматуллоҳ билан бу хусусда яна бир неча карра баҳс юритди. Мирҳосилнинг гаплари баъзан шаккоклик сари етакласа ҳам Раҳматуллоҳ унга ҳақиқатни сабр билан уқтирмоқчи бўлаверди. Устози шайх Исмоил унга шундай таълим берган: «Иймондан қайтганларга ёки кофирларга дуч келсанг, сабрли бўл, Ҳақ-таолонинг йўлини сабр билан тушунтир. Шояд, бугун бўлмаса эртага Оллоҳ улар қалбидаги қулфни очса...»

Оллоҳнинг зикри билан банд бўлиб ўтирган Раҳматуллоҳ хаёлини Мирҳосилнинг овози бузди: «Мен энди худди бир сомон парчаси...
Локин зўр денгизнинг чексиз қўйнида,
Жимгина борадир кирсиз қўйнимда,
Эркин кўпакларнинг аллақанчаси...»
Раҳматуллоҳ тасбеҳ доналаридан кўзини олиб Мирҳосилга қаради. Унинг қимир этмай ётганини кўриб «ўзича гапиряпти», деб ўйлади-да, яна тасбеҳ доналарига тикилди. Шу онда Мирҳосил яна тилга кирди: Қипғизил қон бўлиб
Кунлар ботадир...
Ёмон ҳидга тўлиб
Тонглар отадир...
Оғир кунлар тушди менинг бошимга...

Мирҳосил қаддини кўтариб, чордона қуриб ўтирди-да, айбдор одамдай бошини эгди.
— Шеър туғилиб қолдими, шоир биродар? — деди Раҳматуллоҳ ҳилмлик ила.
— Устознинг шеърларини эсладим. Ҳозир қайда эканлар, қайси сассиқ баракда ётибди эканлар?

«Эркин бошқалардир, қамалган менман...»

Ҳайвон қаторида саналган менман...»
— Шундай одамга жабр қилишди-я! — Мирҳосил алам билан бош чайқади. — Ўз ҳамкасблари қўлларига кишан уриб беришди-я! Тақсир, эрта-индин устоз қамоқдан чиқиб келсалар, уларнинг виждонлари азоб чекмасмикин?
— Виждонлари дейсизми? — Раҳматуллоҳ ажабланди. — Мунофиқда виждон бўлади, деб сизга ким айтди?
— Улар дўзахимилар?
— Буни қиёматда ёлғиз Оллоҳнинг ўзигина белгилайди. Биз ожиз бандалармиз. Ким дўзахга, ким жаннатга ноил бўлмоғи бизга қоронғи.
— Шунақа дейсиз-у, кўриниб турган аниқ нарсани тан олгингиз келмайди. Одам гўштини ейиш ҳаромми? Ҳаром! Ҳаром еганлар дўзахга тушадими? Тушади. Туҳмат, ғийбат одам гўшти ейиш билан баробарми? Баробар... Дўзахдан бошқа ерга тушмайди у малъунлар. Аммо мен ҳам уларнинг кетидан дўзахга тушишни истардим. Уларнинг куйиб, жизғанак бўлиб, азоблар чекишларини кўриш учун ҳам дўзахда бўлишни истардим.
— Астағфируллоҳ! — Раҳматуллоҳ шундай деб тасбеҳ ўгирганича пичирлади: «Ва ма-а алламноҳу-ш-шеърра ва ма-а янбағйи лаҳу...» (Маъноси: Биз унга муҳаммадга шеър ўргатмадик ва шоирлик унинг учун дуруст эмасдир...Ёсин сураси, 69-оят)

Раҳматуллоҳ шоирларнинг феъл-атворини билмагани учун шу пайтгача бу оятнинг моҳиятини дуруст англамас эди. Тўғри, устози бу хусусда ҳам таълим берган. Раҳматуллоҳ у зотнинг айтганларини яхши эслайди. Ҳозир ҳам тасбеҳ ўгира туриб, ёдга олди: «Муҳаммад алайҳиссалом модомики, Оллоҳ-таоло томонидан юборилган пайғамбар эканлар, демак, фақат ва фақат рост сўзламоқликлари шартдир. Назм эса ўз эҳтироси, муболағаси билан ростгўйликни кўтара олмайдур. «Шеърнинг энг ширини ёлғонидир», деб шоирларнинг ўзлари ҳам эътироф этурларким, ўз умматларига бир умр амал қилинадурғон дин арконларини ўргатувчи, хусусан, ғайб олами, охират диёри ҳақида хабар берадурғон пайғамбарнинг шоир бўлиши чиндан ҳам дуруст эмасдур...»

Раҳмутуллоҳ Мирҳосилга кўз қири билан боқади. «Бу банданинг кўкрагида олов бор. Ёндиради, куйдиради... Буки юрт қайғусида бунчалар ёнса, устози қанчалар ёнар экан?» деб ўйлайди.

Мирҳосил гаплари Раҳматуллоҳга ёқмаганини фаҳмлади. Кўз қири ташлаб қўйганини ҳам сезди. «Тақсирга маъқул гап айтиш мушкул. Уни айтсанг, макруҳ дейди, буни айтсанг, шайтон васвасаси, дейди. Пичирлаб дуо ўқийверар, ўқийверар... Дуруст, Оллоҳни зикр этмоқ — муслим учун фарз. Аммо жиҳод деган тушунча ҳам бор-ку?! Нечун эсламайди буни?» деб хаёлдан кечиради. Тунов куни Комиссар шундай деганида Раҳматуллоҳ унга қаттиқ тикилди-ю, индамади. Сўнг холи қолиб, Мирҳосил буни такрорлаганда, «Жиҳодга қандай кўтариласиз? Чор-атроф ғайри дин бўлса, фаросат эгалари оз, каллакесар-муттаҳамлар кўп бўлса, яна мунофиқлар...» деди.

Мирҳосил сезиб юрибди: Раҳматуллоҳ Комиссарни ёқтирмайди. Шундан бўлса керак, унинг таклифларига беписанд қарайди. Қочишдан қўрқадими ё Комиссарга ишонмайдими? Баракда уни ҳеч ким исми билан чақирмайди. Ҳамма «Комиссар» дейди. Мирҳосил унинг чиндан комиссар бўлган-бўлмаганини билмайди. Аммо катта папка қўлтиқлаб извошларда, сўнг автомобилда керилиб ўтирганини кўрган. Бу тақсир-ку, маълум — болшевикларни ҳазм қила олмайди. Қизил командир-чи? У нимага ишонмаяпти? Раҳматуллоҳнинг ўнг томонида ғужанак бўлиб ётган сочу қошлари сап-сариқ бу одамни «Қизил командир» дейишлари нотаниш кишига ғалати, ҳатто кесатиқ каби туюлади. Аслида эса у чиндан ҳам қизил командир бўлган. Фрунзе тақдим этган қиличини ўйнатиб, хўп давр сурган. Ҳақиқат деб қилич чопганида, раҳмат эшитарди, ҳақиқат гапни айтиб қўйиб, ўзини бу ерда кўрди. Кеча ёмғир остида маҳбуслар югуртирилганда яна бир ҳақ гап айтди, ўзи каби қилич чопган, ўзи каби қизил командир бўлган, бироқ, тилини тия олгани учун маҳбус кийимини киймаган собиқ қуролдоши биргина мушт билан кўзи атрофини кўкартирди. Бу кўк кетар, аммо қоринга тушган тепкилар асорати кетмас кўринади. Кечадан бери оғриқ кучайса кучайдики, камаймади. Оғриқ забтига олганида беихтиёр инграб қўяди.

Ҳозир ҳам ингради. Раҳматуллоҳ тасбеҳ донасидан кўзини олиб, Қизил командирга қаради. Кафтини унинг пешонасига қўйди.
— Иситмаси борми? — деб сўради Мирҳосил.

Раҳматуллоҳ «Ҳа», деб бош ирғади. Қизил командир кўзларини очиб, қаддини сал кўтарди.
— Комиссар қани? — деди заиф овозда.
— Чақириб кетишди, — деди Мирҳосил.
— Унинг таклифини ўйладим, — деди Қизил командир. — Тўғри айтади: қочиш керак. Қутулиб кетолмасмиз балки, аммо ўлганда ҳам исён қилиб ўлиш керак. Бундай яшаш мумкин эмас. Бошқаларга сабоқ бўлсин. Тақсир, бошқа йўл йўқ.

Кечаги кунга қадар қочиш ҳақида сўз кетса, Қизил командир қатъий рад этаётган эди.

«Биз англашилмовчилик туфайли бу ерларга келиб қолдик. Ўртоқ Сталин бу номаъқулчиликларни шундайлигича қўйиб қўймайди. Мен доҳийга хат ёздим. Ҳадемай уйимизга кетамиз», деб ишонтирмоқчи бўларди. (Мактублари Бошлиқ хонасида умрини яшаб бўлганини у нодон банда қайдан билсин?) Кеча ёмғирда бўкиб, майдоннинг аталасини чиқариб югуришганидан сўнг Бошлиқ хонасига ҳақиқат излаб кирди. Киришда дадил эди, дам ўтмай чап кўзи хиралашган, тепки азобидан букчайган ҳолда чиқди. Ҳозир ухлаб ётгандир, деб ўйлашган эди. Йўқ, уйғоқ экан. Уйқусиз тун уни доҳийдан марҳамат кутиш бефойда эканига ишонтирибди. Дилида исён руҳини уйғотибди. Кимга, нимага қарши исён қилади? Нимага эришади? Бир марта исён қилиб-ку, кўрадиганини кўриб ётибди.
— Тақсир, гапирсангиз-чи... — деди Қизил командир.

Раҳматуллоҳ тасбеҳ доналаридан кўзларини олмаган ҳолда:
— Мен сизга тўғри йўл кўрсатишга ожизман. Тўғри йўлни Яратганнинг ўзи кўрсатади. Бу ердан-ку қочиб қутуларсиз, кейин-чи? — деди. Сўнг пичирлаб қўшиб қўйди: — Иннаа лилаҳи ва иннаа илайҳи рожиъун...
— Сиз... ўзингиз биласиз... хоҳласангиз, ўтираверинг,— Қизил командир шундай деб Мирҳосилга қаради: — Булар ҳеч қачон биз билан бирга бўлишмаган.
— Командир, — деди Мирҳосил кескин оҳангда,— ўйлаброқ гапиринг.
— Ранжиманг, биродар, бу киши тўғри гапни айтдилар, — деди Раҳматуллоҳ хотиржамлик билан. — Биз фақат Оллоҳдан юз ўгирмаганлар билан бирга бўламиз.
— Ҳа... бирга бўласиз... — Қизил командир шундай деб ингради. Бу инграш тан оғриғи азобиданми эди ёинки руҳ азобиданми эди, ҳамсуҳбатлар фарқлай олишмади. Бир-икки нафас ўтмай, Қизил командир яна тилга кирди: — Оллоҳ «сабр қилгин», деган — сабр қилдик. Оллоҳ «бойликка берилма, кибрга берилма», деди. Аммо бойлар қулоқ солмадилар. Сабрлилар азобда юраверди. Оллоҳга бўйинсунмаганлар роҳатда яйрайверди. Шуми ҳақиқат? «Оллоҳ», «Оллоҳ» дейсиз... Оллоҳингиз сиздан юз ўгирган, шунга ақлингиз етмаяптими?

Раҳматуллоҳ пичирлаб истиғфор айтди, аммо Қизил командирга жавоб қайтармади, баҳсга киришмади. Мана шу одати маҳбус биродарларининг юрагини ёриб юборай дерди. Қизил командир ҳам, Комиссар ҳам, баъзан Мирҳосил ҳам уни баҳсга тортишга уриниб кўрарди.

Бироқ, Раҳматуллоҳ улар бошламоқчи бўлган йўлга яқинлашмас эди. Бир куни Комиссар: «Сиз нима учун баҳсдан қочасиз, бизнинг ҳақиқатимиз олдида сиз ожизсиз», деганида унинг хаёлига дастлаб «Я ибни Адама! Ила кам тажолису-солиҳийна ва ла такуну минҳум фаиза жаластаҳум ва лам такун минҳум фамато туфлиҳу?» деган калима келди. Аммо бу муборак сўзларга Комиссарнинг фаҳми етмаслигини эслаб, фикрини лўнда баён қила қолган эди: «Сизнинг қалбингизга шайтон ин қуриб жойлашиб олган. Сиз аввал қалбингизни покланг, сўнг ҳақиқат хусусида мен билан сўзлашинг».

Комиссар кириб жойига чўзилди. У ҳар сафар навбатдаги «сўроқ»дан қайтгач, шундай қилади. Айниқса, хўжайин ароқ билан сийлаган дамда, ҳидидан пайқаб қолишмасин, деб бошини ҳам чойшабга ўраб олади. Раҳматуллоҳ буни фаҳмлаган, унинг қадам олиши бежо эканини сезган. Шу боис унинг гаплари, таклифларини эътиборсиз қолдирарди. Комиссар бошини чойшабга ўраб олган бўлса-да, Раҳматуллоҳнинг ўткир нигоҳини ҳис қилди. У шарт чойшабни юлқиб, қаддини кўтарди — янглишмаган эди, Раҳматуллоҳ унга қаттиқ тикилиб турарди.
— Нимага менга бундай қарайсиз? — деди Комиссар титроқ овозда. — Гапиринг, мақсадингизни яширманг, айтинг!

Раҳматуллоҳ ундан нигоҳини олиб қочмади. Комиссар бундан баттар талвасага тушди.
— Қараманг менга, — деди бу сафар ялиниш оҳангида.

Соқчи кириб, Раҳматуллоҳни чақирмаганида охири нима бўлишини айтиш мушкул эди. Ҳар ҳолда Комиссарнинг бу нигоҳга чидай олмасдан талваса оловида қоврилиб, оқибат портлаши ҳақиқатга яқин эди.

Раҳматуллоҳ ўрнидан тураётиб, Мирҳосилга бир қараб олди. Мирҳосил бу қарашнинг маъносини тўғри англаб, унга эргашди. Эшикка яқинлашганида Раҳматуллоҳ Мирҳосилга қарамаган ҳолда, худди ўзига-ўзи гапираётгандай деди:
— Сиз эсли одамсиз, эҳтиёт бўлинг.

Бошқа гап айтмади. Ранда кўрмаган қалин тахталардан ишланган беўхшов эшикни очиб, ташқарига чиқди.

3

Айғоқчи чиқиб кетиши билан Бошлиқ унинг изидан тупурди. Гарчи Комиссар холис хизмат қилаётган бўлса-да, Бошлиқ ундан нафратланар эди. «Сотилиши бу қадар осон бўлган одам қандай комиссарлик қилган, одамларни нималарга даъват этган, бунга эргашганлар қандай аҳмоқлар экан?» деб ўйлар эди. Ҳозир ҳам шу ўй хаёлига келиб, ғижиниб тупурди. Сўнг лабига папирос қистириб, қўлларини шимининг чўнтагига солган ҳолда, ғоз келбатида у ён-бу ён юрди.

Худди шу онда минорадаги соқчилар ўқ ўтмас буғуни кўриб қолиб, палапартиш ўққа тута бошладилар. Бошлиқ «Ўқ ўтмас буғу яна пайдо бўляпти», деган хабар билан кирган ёрдамчисига қаттиқ тикилди. Ёрдамчи бу қарашга дош беролмай, буғуни ўзи атайин бошлаб келиб гуноҳга ботган одамдай, бошини эгди.
— Тўққизинчи баракдаги муллани чақир. Туннелдан келсин.

Ёрдамчи «Хато эшитмадимми?» деган хаёлда бошлиғига савол назари билан қараб олди. Бошлиқ буни сезиб, кескин таъкидлади:
— Ҳа, туннелдан!

«Туннел» деганлари симтўр билан ўралган итхонанинг ўртасидан кесиб ўтувчи даҳлизмонанд йўл. Ҳамиша ярим оч ҳолда сақланувчи, «бос!» дейилса, ҳар қандай тирик жонни Қажиб ташлашга тайёр итлар орасидан ўтиб келишнинг ўзи бўлмайди. Бу ҳам Бошлиқнинг ихтироларидан бири. Жазога лойиқ маҳбуслар бошларига шундай кўргулик тушишидан қўрқишади. Бошлиқ эса «Халқ душманларидан ҳатто итлар ҳам ҳазар қиладилар», деб уларнинг таланишларини ҳузур билан кузатади. Ёрдамчи мўъминғобил ҳолда юрувчи муллани билар эди, шу боис ҳам «У қандай гуноҳ қилибди?» деган ўйда бошлиғига савол назари билан қараган эди.

Раҳматуллоҳ Бошлиқнинг хонасига тўғри йўлдан эмас, орқа томондан боришларини билиб, туннелдан ўтишга ҳукм бўлганини фаҳмлади. Симтўр эшик очилмай туриб Яратганга муножот этиб, бу азоблардан қутқаришни сўраб эди, шу дақиқада қамоқхона девори ортидаги ўрмонзорда буғунинг узун ўкириқ овози эшитилди. Муножот билан банд бўлган Раҳматуллоҳ аввалига бу зорли овозга унчалик эътибор бермади. Иккинчи ўкириқ янада баланд овозда, бутун ўрмонзорни, ўрмонзорнинг покиза бағрига канадек ёпишиб турган қамоқхонани ларзага солгандек бўлди. Раҳматуллоҳ бир зум тўхтади. Унинг қулоғи остида буғунинг оддий ўкириғи эмас, «Оллоҳу акбар!» деган соф, жарангли овоз янграган эди. Бундай овозни у Каъбатуллоҳда эшитар эди. Улғайиб, Туркистонга қайтганидан кейин неча минг марта азон овозини эшитди, аммо Каъбатуллоҳдаги муаззин овозига ўхшаганини учратмади. Болаликда қулоғига қуйилиб қолгани учунми, бу соф, жарангдор овоз, бу оҳанг Раҳматуллоҳ учун қадрли эди. Нима учун буғунинг ўкириғи унга «Оллоҳу акбар!» бўлиб эшитилди — ўзи ҳам англамади. Аввалига, менга шундай туюлди, деб ўйлади, бироқ, бу ҳолат яна уч карра такрорлангач, калимаи тоййибани айтиб, беихтиёр осмонга қаради. Юзларини совуқ томчилар савалади. Минорадаги соқчилар ўрмонга қараб палапартиш ўқ отавердилар. Соқчи елкасига аста туртиб, уни туннелга йўллади. Раҳматуллоҳ «Бисмиллоҳ», деб остона ҳатлаб, калимаи шаҳодатни айтди-ю, сўнг «Оятал курсий»ни ўқиб, ўзи томон югуриб келаётган итларга тикилди. Орадаги масофа уч қадам қолганида «Шу қоқсуяк бандани эрмак қиламиз» деб вовуллаб югуриб келаётган итлар бирдан думларини қисиб, тўхтаб қолдилар. Сўнг орқаларига қайтиб, ин-инларига кириб кетдилар. Раҳматуллоҳ туннелдан ўтиб олгач, худди бўри каби бўйинларини чўзиб бир неча марта улидилар.

Бу манзарани кўрган соқчининг эси чиқиб кетаёзди. Дераза оша қараб турган Бошлиқ ҳам саросимага тушди. Саросима тўридан чиқишга улгурмай, эшик очилиб, остонада Раҳматуллоҳ кўринди.

Бошлиқнинг Раҳматуллоҳ билан гаплашиш истаги йўқ эди. Аниқроқ айтилса, унинг бус-бутун ҳолда, бирон ери ҳатто тирналмаган тарзда кириб келиши мумкинлигини мутлақо кутмаган эди. На илож қилсинки, эти устихонига ёпишган, қорачадан келган, ботиқ кўзларида қатъият зуҳур бўлган бу маҳбус рўпарасида турибди. Бир неча дақиқа муқаддам шу ерда турган айғоқчи каби кўзлари жавдирамайди, қадди эгилмайди. Бошлиқ унинг қорамағиз юзига қараб ажабланди: айғоқчи ҳам, ёрдамчиси ҳам оқ-сариқдан келган бўлса-да, юзи тунд кўринади. Бу маҳбуснинг қорамтир юзи эса ёришиб турганга ўхшайди. Бошлиқ бу муаммога жавоб топишга ҳаракат қилмайди. У маҳбусни чақиртирди. Маҳбус рўпарасида турибди. Энди нимадир дейиши керак.
— Сен нима учун аксилинқилобий ташвиқот билан шуғулланяпсан? — деди тўнг оҳангда. Бошлиқ бу саволни жазоламоқчи бўлган маҳбусига қараб, одатда бақириб айтарди. Тўққизинчи баракдан чақиртирилган бу муллага нима учундир бақиролмади. Бунга дастлаб ўзи ҳам ажабланди. Сўнг ўзидан ўзи нафратланди. Мулланинг саволга дарров жавоб бермай, киприк қоқмаган ҳолда туриши унинг Ғазабини янада оширди:
— Айт, нима учун аксилинқилобий ташвиқот юргазяпсан?!

Бу сафар одатини канда қилмади — овози баралла чиқиб, ҳовури бир оз кўтарилди. Бу сафар ҳам саволи жавобсиз қолгач, уришга шайланди-ю, аммо беихтиёр равишда ўзини тийди.
— Гапга тушунасанми ўзинг?

Раҳматуллоҳ унинг тилида сўзлашишни билмас эди. Фақат айрим буйруқларнинг маъносинигина тушунар, соқчилар, ишдаги назоратчилар пўписа қилиб қолса, Мирҳосил ўргатган икки сўзни ишлатиб, уларнинг дағдағасидан қутуларди. Ҳозир ҳам бисотидаги ўша сўзларни ишлатди:
— Нет понимаш.

Бошлиқ «Тфу!» деб сўкинди. Чиндан ҳам, ўзи бу маҳбуснинг тилини билмаса, бу маҳбус эса унинг гапларига тушунмаса, нима десин? У муллага нафрат кўзини бир оз қадаб турди-да, қимир этмаган ҳолда бақириб, ёрдамчисини чақирди:
— Бу маразнинг тилини биладиганлардан биттасини бошлаб кел!

Бунинг тилини ким билиши ёрдамчи учун қоронғи эди. Аниқроқ айтилса, ҳозиргина ҳаммани ҳайратга солиб туннелдан ўтиб келган бу одамнинг миллатини билмас эди. Қамоқда осиёликлар кўп, аммо, уларнинг миллати ҳар хил бўлса... Бошлиқ ёрдамчисининг талмовсираб турганини кўриб, Ғазабини унга сочди:
— Буйруққа тушунмадингми, галварс?!
— Тушундим, лекин...
— Нима, «Лекин»?
— Қайси тилда гаплашар экан?
— Бориб, баракдаги ҳамтовоқларидан сўрайсан. Шунга ҳам калланг ишламайдими?

Орадан кўп вақт ўтмай, хона эшиги очилиб, Ёрдамчи буйруқ бажарилганини маълум қилди. Унга на Бошлиқдан, на Раҳматуллоҳдан садо чиқди. Бошлиқ нигоҳи ўткир бу муллани нима деб қийинғистовга олишни ўйларди. Мана шу қисқа фурсат ичида у ниҳоятда оғир вазифага тайин этилганини яна бир бор ҳис этди. Фуқаро урушида минг чандон дуруст эди. Бунақаларга нима десам экан, деб бош қотириб ўтирмасди. Қиличини яланғочлаб, бир силтар эди, тамом.

Раҳматуллоҳ Бошлиқнинг дўппослаб қолиш одати борлигини эшитган, шу сабабли ундан кўз узмай турарди. «Я бани Адама! Инни ҳаррамту-з-зулма ала нафсии ва жаалтуху байнакум муҳарраман фала тазааламуу»... Бу ҳам одам фарзанди-ку, зулмга бунча ошна бўлмаса, — деб ўйлар эди у.

Хонага кириб келган Комиссар унинг хаёлини тўзитиб юборди. Хона ўртасида Бошлиқ билан юзма-юз турган Раҳматуллоҳни кўриб, Комиссар қўрқиб кетди. У тилмочлик қилажагидан бехабар эди, шу боис «Бу мулла менинг ҳақимда ёмон гап айтдими?» деган ўй баданига совуқ титроқ тарқатди. Комиссарнинг хиёнатга мойил эканини гумон қилиб юрган Раҳматуллоҳ ҳам «Бу бирон нимани чаққан экан-да», деб ўйлади. Уларнинг гумонли ўйларига Бошилиқнинг Ғазабли овози барҳам берди:
— Бунинг тилини биласанми?
— Биламан... — Комиссар Бошлиққа нажот назари билан боқди-да, пастроқ овозда қўшиб қўйди: — биттасини биламан.
— «Биттаси» деганинг нимаси?
— Бу кўп тилларни билади.
— Менга биттаси ҳам етади. Таржима қил: нима учун лагерда аксилинқилобий ташвиқот юргизяпти?

Комиссар таржима қилди. Раҳматуллоҳ саволни тушунмай, Бошлиққа қаради:
— Аксилинқилобий ташвиқот нима?

Бошлиқ яна ён томонга тупуриб, сўкинди:
— Худога сиғинасанми?
— Ҳа, мен ёлғиз Оллоҳга сиғинаман.
— Дарахт кесгани чиққанингда беркиниб ибодат қиласанми?

Бу саволдан сўнг Раҳматуллоҳ Комиссарга тикилди. Комиссар кўзини олиб қочди. Қамоқхонада ким бўлсин — мусулмонми, насронийми, яҳудийми — фарқи йўқ, ибодат қилиш қатъиян ман этилган эди. Раҳматуллоҳ ичкарида эканида имо-ишора билан бўлса-да, намозини ўқир, дарахт кесишга чиққанида эса буталар орасига яшириниб ибодат қилар, бундай дамларда ўзини сувга қайтиб тушган балиқдек роҳатда ҳис этар эди. Соқчилар кўришса ҳам индашмас, Раҳматуллоҳ шунинг учун ҳам Яратганга шукрлар қилар эди. Унинг намоз ўқишини соқчилар Бошлиққа чақишмайди. Раҳматуллоҳнинг Комиссарга қараб қўйиши шу важҳдан бўлди.
— Мен фақатгина омонатини Ўзига топширганимдан кейингина ибодатни қўяман, — деди Раҳматуллоҳ қатъий оҳангда.
— Омонати нима экан? — деб ажабланди Бошлиқ.
— Жонини айтяпти, — деди Комиссар, — ўлгунимча ўқийвераман, демоқчи.

Бошлиқ бу ўжар одамни фақатгина уриб хумордан чиқиш мумкин деган хулосага келди. «Булар билан мушт тилида гаплашиш керак. Тилмоч ҳам лозим эмас». У шундай фикрда қўл кўтарди. Раҳматуллоҳ унинг урушга чоғланганини кўрса-да, қилт этмади. Бошлиқ урмоққа ҳезланди-ю, аммо кутилмаганда қўлини орқага силтади. Бундан Комиссаргина эмас, ўзи ҳам ҳайратланди. Олдинга ўқдек учиши лозим бўлган муштни қандайдир куч орқага силтаб ташлаган эди.
— Бугунча урмайман, — деди Бошлиқ ҳайратини ошкор қилмасликка тиришиб. — Узр сўрамоқчига ўхшади, айт, тиз чўксин, узрини қабул қиламан.

Раҳматуллоҳ Комиссарнинг тилидан бу гапни эшитиб, кулимсиради.
— Нимага ишшайяпсан?
— Мен банда олдида тиз чўкмайман. Мен фақат Оллоҳнинг қулиман, бандага тавба қилмайман.

Бу гапдан Бошлиқнинг Ғазаб дарёси тўлиб тошди. Яна урмоқчи бўлди, бироқ яна ҳалиги ҳолат такрорланмасин деган хавотирда ўзини тутди.
— Шунақами, кўрамиз, — деди ижирғаниб. Сўнг ёрдамчисини чақириб, буюрди: — Туннелдан ҳайда буларни!
— Менинг нима гуноҳим бор? — деди Комиссар қўрқув билан.
— Ҳамманг бир гўрсанлар.
— Тил учида бўлса ҳам тавба қилиб қўя қолинг, булар билан ўчакишманг,— деди Комиссар Раҳматуллоҳга ялиниб.
— Мен мунофиқлик қила олмайман, биродар.
— Ахир, оч итларга талатмоқчи.
— Ўзингиз тиз чўкаверинг.

Раҳматуллоҳ шундай деб Ёрдамчининг «Чиқ!» деган ишорасига итоат этди. Комиссар йиғламаса ҳам йиғлагудек бўлиб унга эргашди.

Бу сафар манзара ўзгача бўлди — итлар думларини қисиб инларига кириб кетмадилар, аксинча, Раҳматуллоҳ билан Комиссар атрофида жон-жаҳдлари билан вовуллайвердилар.

Бошлиқ бу манзарани ҳам ҳайрат, ҳам Ғазаб билан кузатди. Муштумини қаттиқ қисди — ҳатто бармоқлари қисирлаб кетди.
— Мен ит эмасман, мендан қочиб қутулиб бўпсан!— У ўзича шундай деди-да ёрдамчисини чақирди:
— Икки соатдан сўнг Комиссарга айт: оператсия эртага тонгга белгиланади. Тайинла: тош ёғса ҳам қолдирилмайди. «Айиқ»қа айтиб қўй: бугун уларни бир эрмак қилсин.

«Айиқ» қамоқхонанинг азроили ҳисобланади. У кимнидир эрмак қилдими — демак, у бечоранинг умр шоми яқинлашибди. Бошлиқ тўққизинчи баракдагиларни бекорга «Айиқ»қа топширмади. Эртанги «ов» олдидан уларнинг силласини қуритиб, ўзининг юмушини пича осонлаштирмоқчи эди. Ёрдамчи буни тушуниб, илжайиб қўйди.

4

«Туннел»дан ўтиб олишганидан сўнг Комиссар Раҳматуллоҳнинг чап елкасидан аста ушлаб, уни ўзига қаратди:
— У бадбахт билан ёмон ўчакишдингиз. Энди тинч қўймайди. Қочмасангиз, ўлдим, деяверинг.

Раҳматуллоҳ тўхтаб, атрофга қулоқ тутди: буғунинг зорли ўкириғи ҳам, қулоғи остида жаранглаётган «Оллоҳу акбар!» деган овоз ҳам тинган, ҳаммаёқ бирданига осудалик бағрига сингган эди. Раҳматуллоҳ Комиссарга қаради — унинг қўрқувданми ё изғиринданми, ранги оқарган, лаблари билинар-билинмас титрар эди.
— Яна ўша гапми? — деб елкасидан Комиссарнинг қўлини олди. — Сизга бир ҳикмат айтайинми? Сиз Қул Хожа Аҳмад исмли зоти бобарокатни биларсиз? У киши бола чоқларида мактабдаги устозлари илм толибларига бир юмуш буюрибдилар. Айтибдиларки, «Болалар, сизлар эртага биттадан хўроз сўйиб олиб келасизлар. Аммо хўрозни Оллоҳнинг назари тушмайдиган жойда сўйингизлар». Эртасига болалар устозлари вазифасини бажариб келибдилар. Бирови кўприк остида, бирови эса ошхонадами сўйибди-да, Қул Хожа Аҳмад эса хўрозни тиригича кўтариб келибдилар. Устозларининг «Сиз нима учун сўйиб келмадингиз?» деган саволларига у зоти бобарокат: «Мен Оллоҳнинг назари тушмайдиган жойни топа олмадим», деган эканлар. Комиссар, сиз бу ҳикмат ёнғоғини бир чақиб кўринг, маъқулми?..

Комиссар Раҳматуллоҳдан кўзларини олиб қоч-ди.

Ўша қўланса ҳидли баракка олдинма-кейин кириб боришди. Қизил командир ҳамон инграб ётар, Мирҳосил эса чордона қуриб олган, тирсагини тиззасига, муштумини эса иягига тираганича ўйга ботиб ўтирар эди. Раҳматуллоҳни кўриб, чаққонлик билан ўрнидан турди-да, унга пешвоз чиқиб, узоқ сафардан қайтган одамни қаршилагандай, қучоқлаб олди.
— Бу чақирувнинг боиси нима экан, деб кўнглим бир алағда бўлди, тинчликми экан?
— Кўриб турганингиздек, — деди Раҳматуллоҳ уни қучоғидан бўшатиб. — Сўрайдирган сўроқлари бор экан. Уларнинг юмуши шу-да. Комиссар акангиз тилмочлик қилиб бердилар.
— Хайрият, зиён етказмабди, — деди Мирҳосил унинг елкаларини меҳр билан силаб.

«Зиён етказмабди, деб Бошлиқни назарда тутяпти, — деб ўйлади Раҳматуллоҳ. — Оллоҳнинг ўзи асраганини бу билмайди. Комиссар-чи? Унинг фаҳми етдимикан бунга?» Раҳматуллоҳ шу хаёлда орқасига ўгирилди. Комиссар ҳеч нарса англамагандай, кўзларини четга олиб, унинг ёнидан ўтди-да, жойига бориб чўзилди.
— Командир қийналяпти, — деди Мирҳосил Раҳматуллоҳ жойига бориб ўтиргач. — Бир нима қилсангиз-чи?
— Мен нима қилай? Табиблик қўлимдан келмаса... Мен ҳам Оллоҳнинг сиз каби ожиз бандасиман.
— Ўқисангиз-чи? Эм бўлмасмикин?
— Ўқисамми? — Раҳматуллоҳ бош чайқади. — Бу киши Оллоҳни тан олмасалар, ақидалари бўлак бўлса... Аввал иймонга калима келтирсалар эди...

Қизил командир кўзларини очди.
— Керакмас, — деди у хаста овозда. — Керакмас... Энди фойдаси йўқ. Тақсир, Фиръавннинг қисматини эслайсизми? — Қизил командир «уҳ-ҳ» деб юборди. Сўнг қийналиб ютинди. — Ўлим олдида калима келтирганида, Худо «Бўлди, энди кеч», деган экан.

Раҳматуллоҳ унга ажабланиб қаради.
— Буни сиз кимдан эшитгансиз?
— Эшитмаганман... ўқиганман, — У бир оз тин олди. — Мен... мадраса кўрган одамман.
— Астағфируллоҳ! Шундай бўла туриб?..
— Ҳа... Николай подшони дуо қилиш, у фалокатнинг номини хутбага қўшиб ўқиш дуруст эмас, деганим учун ҳайдашган. Мени ҳақ сўзим учун кўкрагимдан итардиларингми, мен энди сенлар билан бир динда қололмайман, деб худосиз бўлган одамман. Бу ёғига энди мен эмас, улар гуноҳкордирлар.
— Бу ёғи ёлғиз Оллоҳга маълум.
— Ҳа, маълум. Мен улар билан... — Қизил командир Раҳматуллоҳга қаттиқ тикилди. — Сиз билан ҳам бирга бўлмадим. То тирик эканман, бирга бўлмайман. Аммо... аммо... камбағалнинг қонини сўриб ётган бойларни сизларга ўхшаб дуо қилмадим. Сизлар Оллоҳнинг каломини бир тугунча ноз-неъмат эвазига сотиб кун кўрувчи чайқовчисизлар. Бой елкангизга чопон ташласа «Эй Оллоҳ, мана шу сахий бандангга жаннатдан жой ҳозирлаб қўй», деб эртаю кеч дуо қиласизлар. Ҳа... а, Мирҳосил, сиз яна бу зотга «Ўқиб қўйинг», дейсиз. Агар чопон ёпсам, иймон келтирганманми, йўқми, суриштириб ўтирмай ўқиб ташлайверардилар...
— Астағфируллоҳ! — Раҳматуллоҳ азоб исканжасидаги одам билан баҳслашишни ўзига раво кўрмади. Ўзини оқлашни ортиқча деб билди. Гуноҳкор одамгина ўзини оқлашга киришиб кетади. Қизил командир исботсиз, тузсиз гапларни айтди. Бир-икки оғиз гап билан унинг тошга айланган қалбини эрита олармиди?

Мирҳосил Раҳматуллоҳнинг сукут сақлашини ўзича тушунди. Раҳматуллоҳдан арзирли жавоб кутиб безовталанди. Жавобга Қизил командир ҳам илҳақ эди. Ўзи истамаса-да, ҳоли бўлмаса-да, қандайдир куч уни баҳсга даъват этарди. Раҳматуллоҳга заҳрини сочса, гўё дарди енгиллашадигандай эди.
— Жавоб бермайсизми, тақсир?
— Биродар, шу шароитда, шу ҳолатда баҳс жоизмикин?
— Жоиз! — Қизил командир шундай деб тирсагига суяниб, қаддини кўтарди. — Мен ҳақиқатни янада ойдинлаштириб олмоқчиман.
— У ҳолда жавоб шуки...— Раҳматуллоҳ бир оз сукут сақлаб, сўнг давом этди:
— Дейдиларки, «Бургага аччиқ қилиб, кўрпа куйдирма»... Сиз кўрпани эмас, иймонни куйдириб қўйибсиз. Қиёматда далилларингиз, узрларингиз инобатга олинмай қолса-чи, деган ҳадикдаман.
— Уҳ-ҳ... — Қизил командир инграб, бошини қаттиқ ёстиққа қўйди.
— Бас қилинглар,— деди Комиссар ётган ерида.— Бу ер ҳақиқатни ойдинлаштирадиган жой эмас. Бекорга фалсафа сўқмай, жонни омон сақлаш чораларини ўйланглар. Биттагина йўл қолган. Ҳозир биз «туннел»дан ўтиб келдик. Итларнинг қорни тўқроқ экан, тегишмади. Бола-чақамга «Отанг итларга таланиб, ем бўлиб ўлди», деган хабар боришидан иснод қиламан. Ўлсак ҳам, одамга ўхшаб ўлайлик.

У шундай дейишга деди-ю, буларга қўшиб ўзини ҳам отиб ташлашлари мумкинлигини ўйлаб, ичидан қиринди ўтди.
— Одамлар қочишяпти, — деди у сир бой бермасликка ҳаракат қилиб. — Қувиб чиқишди. Аммо бўш қайтишди. Етиб олишса, ё тиригини, ё ўлигини келтиришарди. Бу ерлар овлоқ бўлгани билан йўл бор-ку? — У бир оз жимлик сақлади-да, қатъий қилиб қўшиб қўйди: — Ҳа, йўл бор!

Раҳматуллоҳ унинг гапларини эшитгиси келмади. Унинг мўлжалида аср намозининг вақти бўлган эди. Эскириб, титила бошлаган жунчойшабга кафтини уриб қўйиб таяммум қилди-да, девор томонга ўгирилиб,тиз чўкиб ўтирди. У намозни ўқиб бўлгунига қадар суҳбат узилди. Қизил командир бир-икки ингради. Комиссар қўлини бошига болиш қилиб, шипга тикилганича жим ётди. Мирҳосил яна чордона қуриб, қаддини букиброқ ўтириб олди. Раҳматуллоҳ намозни ўқиб бўлгач, ёнбошлади.

Аҳли муслим орасида эсини таниган бу одамнинг Оллоҳни унутган бандалар билан бирга сассиқ баракда ётиши инсон боласи учун оғир синов эди. Яратганнинг ҳузурига қайтиш куни яқинлашаётганини унинг кўнгли сезиб турарди. Вужудини аллақандай ғашлик тобора маҳв этарди. Унинг танаси бу овлоқдаги қамоқхонада, юраги эса кўкрак қафасида тутқун. Фақат хаёли озодликда. Руҳи ҳам эркиндай гўё, аммо тутқун вужудни, кўкрак қафасида қон қақшаётган нотинч юракни ташлаб узоққа кета олмайди. Яхши ҳамки, тутқунликни билмас хаёл бор. Парвардигорнинг зикридан бўшади дегунча, хаёл унга аввал ҳузур бахш этади, кейинроқ эса исканжага олиб қийнайди.

Ҳозиргидай ёнбошлаган чоғида майлини хаёл ихтиёрига беради. Хаёл уни бир зумда киндик қони тўкилган Маккаи мукаррамага элтади. Паришон ўтирган завжасини кўради. Раҳматуллоҳ ота юртини қоралаб сафарга чиққанида у юкли эди. Яратганнинг иродаси билан эсон-омон кўзи ёриб олгандир, ҳозир фарзанди аржуманди югургилаб ўйнаб юрадиган ёшга етгандир... Раҳматуллоҳ аввалига уни ҳам бирга олиб кетмоқчи бўлган эди. Онаси ҳам «Хотинингни қолдирма», деб ялинди. Раҳматуллоҳнинг ўзи ўжарлик қилди. «Туғиладиган болам ўзимга ўхшаб мусофир бўлиб туғилмасин», деди. Ана шу гапи учун кейин юз афсус чекди, минг надоматлар қилди. Нодон экан. Унинг боласи ўзининг ота юртида мусофир бўлиб туғилар эканми? Ўжарликни, жаҳлни жиловлай олмади. Ақл ожизлик қилди ўшанда.

Раҳматуллоҳ тақдиридан нолимас эди, нолиш гуноҳ эканини биларди. Айни чоқда ҳаётидан кўнгли тўлмас эди. Отаси ҳам савдо важҳидан, ҳам Оллоҳнинг фарзини бажарайин, деб йўлга чиққан, шу ниятда хотинини ҳам ёнига олган эди. Йўл азобими ё Маккаи мукаррамадаги об-ҳаво таъсир этдими — Раҳматуллоҳнинг онаси бетобланиб қолди. Бир томонда бетоблик, бир томонда ой-куни яқинлашаётганидан дарак берувчи юздаги доғларнинг қуюқлашуви ортга қайтиш масаласини муаммо қилиб қўйди. Отаси бу ерда орттирган биродарлари — Маккада муқим туриб қолган ўзбеклар маслаҳати билан хотинини ташлаб кетишга мажбур бўлди. Раҳматуллоҳ отаси кетгач, бир ойдан сўнг туғилди. Унга Раҳматуллоҳ ибн Иноятуллоҳ Андижоний деб исм беришди. Шу исм билан улғайди, камол топди. Аммо ота дийдорини кўрмади. У шунисидан доғда эди. Онаси Андижон томонлардан келувчи савдогарлардан эрини сўроқлаб, «Эсон-омон юрибди» деган жавобни оларди. Бир неча марта юртига отланди, бироқ, турли сабаблар билан бора олмади. Раҳматуллоҳ мадрасани ҳатм қилгач, мударрис уни хуш кўриб, елкасига куёвлик сарпосини ёпди. Ана шундан кейин онанинг кўнгли бир оз таскин топиб, андижонлик савдогарларга қўшилиб юртига бориб келмоқни ихтиёр этди. Раҳматуллоҳ онасини ёлғиз юбора олмас эди. Ҳам бу сабаб бўлиб, ҳам қон ота юртига тортиб, ҳам отани бир кўриш истаги устун келиб — барчаси тақдир ёзуғида мужассам бўлди-ю, туғилган муқаддас шаҳрини ўз назарида бир оз муддатга тарк этди. Тарк этиш у ўйлаганича бир оз муддатга эмас, балки (буни яна Оллоҳ билади!) умрбодга экан. Ота юртга келди ҳам, отани, ўгай укаларини кўрди ҳам. Бироқ, замон алғов-далғов бўлиб изига қайта олмади. Аҳли мўъминга ваъз айтиб юриб эди. Чустдаги биродариникида меҳмон бўлиб турганида ҳибсга олишди. Бир неча кун Наманган турмасида ушлашди, сўнг Тошкентга олиб кетишди. Қўрбошилардан биронтасининг хизматини қилмаган бўлса ҳам, «Босмачилар билан қандай алоқангиз бор эди», деб қайтағайта сўрайверишди. Қийин-қистовга олмай шунчаки сўраб-сўраб қўйишларидан англадики, қўрбошиларга алоқаси йўқлиги буларнинг ўзига-да маълум. Фақат ниманингдир илинжида уни сарсон қилишар эди. Ўша «нимадир» кўп ўтмай аниқ бўлди: унга бир неча саҳифа қоғоз беришди. «Эрталабгача муҳлат: Худо йўқ, деб ёзасан. Маккада ҳеч қандай муқаддас тош йўқ, ҳаммаси Муҳаммад деган савдогарнинг уйдирмаси, Қуръон осмондан тушмаган, ўша савдогар тўқиб ёзган, дейсан. Шуларни ёзсанг — озод бўласан. Ёзмасанг — суякларинг қамоқда чирийди...».

Раҳматуллоҳ бу буйруқни эшитиб, ўз қулоқларига ишонмади. Оллоҳнинг шериги бор ёки Исо масиҳ Оллоҳнинг ўғли, деб ёзишни талаб этишса балки бунчалик ҳайратга тушмас эди. Қон-қонига сингиб кетган ҳақиқатни рад этиш, ёзиш у ёқда турсин, хаёлга келтиришнинг ўзиёқ у учун бениҳоя даҳшатли ҳол эди. Улар айтганни қилса балки чиндан ҳам чиқариб юборишар. Яна йигирма йилми, ўттиз йилми яшар. Аммо қиёматда ўзини Оллоҳга ширк келтирганлар, Расулиллоҳга қарши қилич кўтарганлар ёки ўз онасини зино қилганлар қаторида кўрадими?! Шу фикрнинг ўзиёқ вужудини муз ҳолига келтириб, уни бир неча нафас мурдага айлантириб қўйди. У буйруққа итоат этайми ё йўқми, деб фикрлаб ҳам кўрмади. Чунки шундай фикрнинг ўзиёқ имонини дарз кетказиб қўяр эди.

Буйруққа итоат этмагач, бу дахрий сўзларни уларнинг ўзлари ёзиб беришди. Имзо чекса бас — озодликка чиқади. У кўзларини чирт юмиб, Оллоҳга муножот этди: «Эй Оллоҳ, шунга имзо чекадиган қўлимни бу имонсизларнинг ўзлари қайириб синдира қолишса, шу хатни ўқиган кўзларимга қум сепиб кўр қилишса яхши бўлмасмиди! Оллоҳ, ҳозир кўзимни очганимда ҳеч нарсани кўрмайин, қўлларимни шол қилиб қўйгин, ақлимни ҳам олгин...» Ёлборишлари зое кетди. Аммо Яратган унга мадад берди — ақлини олмади, шайтонга қул қилиб қўймади.

Уни ота юртдан янада узоқроқ совуқ ўлкаларга жўнатишди. Киндик қони иссиқ тупроққа тўкилган эди, жони совуқ ўлкада чиқармикин?..

У шайтонга қул бўлмаганидан хурсанд эди. Қийинчиликларга учраганида мана шу қувонч унга далда берарди. Бироқ Оллоҳнинг бу содда бандаси бир нарсани билмас эди: имзо чекмаган куннинг индинига газетда Раҳматуллоҳ Иноятуллоҳ ўғлининг Худодан юз ўгиргани ҳақидаги мақоласи чоп этилди. Орадан ўн беш кун ўтгач, унинг «мутаассиб руҳонийлар» томонидан ўлдирилгани ҳақида кичкина хабар чиқди...

Соқчи барак эшигини очиб, Комиссарни чақирди. Комиссар бу чақирувдан ажабланиб, эринибгина ўрнидан турди. Ҳаммалари «Бугун кўп йўқлаб қолишдими?» деган савол назари билан унга қарашди. Комиссар бу қарашларни сезмагандек, индамай эшик томон юрди.

Мирҳосил Раҳматуллоҳга яқинроқ сурилиб, фақат ҳамсуҳбати эшита оладиган паст овозда сўради:
— Ҳали нима учун «Эҳтиёт бўл», деб кетдингиз?
— Ҳеч нимани сезмаяпсизми? — Раҳматуллоҳ шундай деб Комиссарнинг бўш ўрнига қараб қўйди.
— Унга ишонмаяпсизми?
— Иймонсиз бандага ишониш мумкинми?
— Сотади, дейсизми?
— Мақсади менга қоронғу.
— Нимага пичирлашиб қолдиларинг?!

Иккаласи баравар овоз берган одамга қарашди. Улар қамоқхонада «Айиқ» деган лақаб олган, келбати чиндан ҳам айиқни эслатувчи, феъли эса қутурган итникидек бўлган бу бадахлоқ одамни шу томонга келаётганини кўришган, аммо нарига ўтиб кетар, деб ўйлашган эди. Чунки «Айиқ»нинг шу пайтгача улар билан иши бўлмаган эди.

«Айиқ» уларга заҳарли нигоҳини қадаб турарди:
— Мени иғво қиляпсанларми?

Улар жавоб беришга улгуришмади. «Айиқ»нинг узун қўли чўзилиб, Мирҳосилнинг ёқасидан олди. Раҳматуллоҳ ҳай-ҳайлаб тургунича Мирҳосил бир-икки мушт еди. Раҳматуллоҳ «Айиқ»нинг чайир қўлларига ёпишди. Лекин биродарини ажрата олмади. «Айиқ» сўкинди-да, тиззаси билан уни туртиб юборди. Раҳматуллоҳ тисарилиб йиқилди, чеккасини сўри қиррасига уриб олиб, бир неча нафас ҳушини йўқотди. Ўзига келганида «Айиқ» вазифасини адо этиб бўлиб, жойига қараб қайтиб борарди. Мирҳосил эса ёрилган лабидан оқаётган қонни артиш билан машғул эди.

5

Комиссар қайтганида Мирҳосилнинг лабидан оқаётган қон тўхтаган, Раҳматуллоҳ ҳам ҳушига келиб, жойида ўтирган эди. «Айиқ» ҳунарини кўрсатаётган дамда Қизил командир тирсагига суяниб қаддини кўтарганича қолди — жойига чўзилишга шошилмади. Уни ҳозир тан азоби эмас, ночорлик азоби қийноққа оларди. Ҳақсизликни кўрганида чидай олмайдиган Қизил командир биродарларига ёрдам бера олмаганидан эзиларди. «Ҳақиқат эгилади, букилади, бироқ синмайди», деб қаттиқ ишонган бу одам, Ер юзида адолат ўрнатиш қасдида кўпга қўшилиб қилич яланғочлаган сурурли бу кимса юрагида титраб турган сўнгги умид иплари шарт узилди. Умидсиз юрак эгаси, гарчи нафас олиб турса-да, мурдадан фарқ қилмай қолган эди.

Комиссар жойига қайтганида манзара шундай эди. Ундан биров «Яна нима учун чақиришибди?» деб сўрамади. У ҳам «Нима гап, тинчликми?» демади. Нотекис тахталардан ишланган каравотда худди омонат гапни айтиб изига қайтадиган одамдай оёқларини осилтириб ўтирди.
— Бугундан бўлак қулай вазият бўлмайди, — деди у ўзига ўзи гапиргандай. — Учинчи минорада ўзимизнинг ҳамшаҳар йигит соқчилик қилади. Унинг отаси бошига ҳам бизнинг қора кунимиз тушган. Буни бошлиқлари билишмайди. «То билиб қолишгунча ёрдам қилай, отам тушган жойда ҳам зора менга ўхшагани топилса», дейди.

Раҳматуллоҳ гапларини эшитгиси келмай, унга орқасини қилиб, ўгирилиб ётди. Қизил командир ҳам бошини ёстиққа қўйди. Мирҳосил баракдан ташқарига чиқиб ёмғир сувида юз-қўлини ювиб қайтганда Комиссар ҳам жойига ётиб олган эди. Уччовининг кўзлари юмуқ: худди ухлаётгандай, бир текисда нафас олиб ётишарди. Мирҳосил уларнинг ўртасидаги бўш жойга чиқиб чордона қуриб олди. «Уччови — уч олам. Қайси бирига ишонишни билмайсан, — деб ўйлади у.— Домла «Оллоҳ кўрсатган йўлдан чиқма», дейди. Ўзи шунга амал қилади. Мен ҳам Худога қарши бирон ножўя иш қилмадим. Одам ўлдирмадим. Ўғирлик қилмадим, ҳалол яшадим. Болаларни ўқитдим. Ватанни севишни, озодликни қадрлашни ўргатмоқчи бўлдим. Устоз тузумни ҳазм қила олмадилар. Менга ҳам ёқмади бу тузум. Аммо муроса қилдим. Биз-ку, шу тузумга ғаним эканмиз. Шу тузумнинг эгалари нима қилиб юришибди бу ерда? Биздай одамларнинг қанчасини у дунёга жўнатишди. Қанчасини бу ёқларга сургун қилишди. Охир-оқибат бизга ҳамтовоқ бўлишди. Озодликда юришганида биз билан бир дастурхон атрофида ўтиришга ор қилишар эди. Биздан нафратланишарди. Кўргилигимиз бир экан-ку? Энди бирга қочмоқчимизми? Қаёққа қочамиз? Яна ўша бузуқ юртгами?

У ерда бизга кимнинг кўзи учиб турибди? Худонинг қарғиши теккан бу жойлардан қочиб хорижга ўтиб кетишнинг наҳот имкони бўлса?» Мирҳосил бу саволни ўзига-ўзи юз бора берган бўлса, юз бора, минг бора берган бўлса, минг бора жавобсиз қолдирар, жавоб топа олмас эди. Раҳматуллоҳ «Қиёмат куни қачон?» деган саволга жавоб беролмаганидек, Мирҳосил ҳам бу муаммони еча олмас эди. «Таваккал қилмоқдан ўзга чора йўқ!» — шу тўхтамдан нарига ўта олмасди.

Қизил командир кўзларини очиб, чордона қуриб ўтирган Мирҳосилга қараб ётди. «Бу бола фақирга қийин бўлди. Ҳали гўшанга кўрмай туриб бошини не азобларга тутиб берди. Устози-ку, нодон экан. Нима эди?.. — Қизил командир Мирҳосилдан эшитган сатрни эсламоқчи бўлди: — Ҳа.. «Эй, ҳар турли қулликларни сингдирмаган ҳур ўлка, нега сенинг бўғизингни бўғиб турар кўланка?..» Эси бутун бўлса, шунақа деб ёзадими? Бўлганда, шунақа ёшларга жабр бўлди. Шоир-ку, ўзи пиширган ошни ўзи ичибди. Бу болаларда нима гуноҳ эди? Айни гўшангада айшини сурадиган пайтда-я... Мен бу ёшда адолат деб от суриб юрдим. Адолат фақат шу жамиятда қадр топиши мумкин эди. Булар нима учун ишонишмади? Биз тушунмовчилик қурбони бўлдик. Бузуқ фикрлилар рўйхатига ноўрин тушдик. Энди бирга қочмоқчимиз. Домланинг мақсади тайин. Бу ердан қутулса, хорижга қочади. Лекин бу ердан кетгиси йўқ. Шуниси ажабланарли. Нима учун қочиб қутулишига ишонмаяпти? Комиссарни оиласи кутиб турибди. Мирҳосилнинг севгилиси бор. Нима эди?.. «Мен суйган суюкли шунчалар гўзал. Ойдан-да гўзалдир, кундан-да гўзал!..» Мени ким кутяпти? Ўлсам ким аза очади?..»

Қизил командирнинг хаёлидаги бу саволга кимдир «Сени ким кутарди, Азроил кутяпти», деб шивирлагандай бўлди. Вужудини муз харсанги босиб ўтгандай, аъзойи бадани сесканди. «Бу ҳам тўғри, — деб тақдирга тан берди у, — бу ердан қочганим билан узоққа етмайман. Ҳар ҳолда қамоқда, сассиқ баракда хунук башаралар орасида ўлгандан кўра, эркинликда ўлганим дуруст-ку? Жоним кечқурун узилса, юлдузларни кўриб қоларман. Кундузи ўлсам, балки қуёшни кўрарман. Осмонни булут босса ҳеч бўлмаса ўша булутни, дарахт шохини, биттагина гиёҳни кўриб қоламан-ку? Балки юзимга биттагина покиза ёмғир томчиси тушар? Сўнгги нафасим чиқаётганда балки табиатнинг ўзи лабимга сув томизар? Оллоҳнинг менга кўрсатган марҳамати балки шу бўлар? Оллоҳ гуноҳларимни кечириб, мени шу мартабага лойиқ кўрар? Домла биз билан қочса яхши бўларди. Ўлсам, жанозамни ўқирди. Уч кунлик чақалоқлигимда қулоғимни азон айтиб очишган экан. Жанозасиз кетсам дуруст бўлмас. Мен ҳалол яшадим. Худо гуноҳларимни кечиради. Мен Худодан эмас, нодон диндорлардан юз ўгирганман. Худодан юз ўгирганлар қанча? Юришибди ҳаммалари давру давронларини суриб. Мен улардай мунофиқ эмасман. Лекин домла мени айнан ўша мунофиқлар қаторида кўради. Унга ҳақиқатни тушунтира олмадим. Тушунтиролсам, инсофга келармиди...

Хаёлидан шу гаплар ўтган Қизил командир Мирҳосилнинг елкасидан ушлаб, ўзига қаратди:
— Домлага айтинг, ўжарлик қилмасинлар, — деди мулойим овозда.

Мирҳосил унга жавоб беришга улгурмади, гапга Комиссар аралашди:
— Айтманг, зўрламанг.
— Домла менга кераклар, — деди Қизил командир ўжарлик билан.
— Нимага?
— Йўлда ўлгудай бўлсам, жанозамни бу кишидан бошқа ким ўқийди?
— Бунақа бемаъни хаёлга борманг. Сиз командирсиз, ахир! Мен сизни ёлғизлатиб қўймайман. Комиссарлигимни унутганим йўқ. Қанча юрсак, сизни ўзим суяб юраман.

Қизил командир бир оз жим қолди. Комиссар ваъда бергани билан кўнгли тинчимади. Комиссар меҳрибон одам, чиндан ҳам суяб юради. Аммо ўлимга дуч келса, у ҳам ночор... Азроилнинг чангалидан сақлаб қола олмайди.
— Домла, — деди Қизил командир хаёлларидан чекиниб. Раҳматуллоҳ индамади. — Домла, уйғоқсиз, билиб ётибман. Агар сизга малол келмаса, жанозамни ҳозир ўқинг. Иссиқ жон, билиб бўлмайди.

Раҳматуллоҳ жавоб бермади, ҳатто қимирлаб ҳам қўймади. Унга жавоб бериш янги баҳс дарвозасини очиш билан тенг эди. Шу боис сукутни афзал билди.

6

Қизил командирнинг «Жаноза ўқиб қўйинг», дейиши Раҳматуллоҳ кўнглига бир жиҳатдан таскин берди. «Ҳар ҳолда иймонини бутунлай совуриб юбормаган экан, дилида Оллоҳ бор экан», деб қўйди. Аммо унинг илтимосини ерда қолдиришга мажбур эди. Мўлжалланаётган қочиш Оллоҳ йўлида жиҳод учун бўлса экан, буларга шаҳидлик мартабаси насиб этса экан, олдиндан жанозалари ўқиб қўйилса... «У Фиръавннинг қисматини бўйнига олиб ётибди, — деб ўйлади Раҳматуллоҳ, — шу дард жонимни олади, деган фикр хаёлини эгаллаган. ғофил банда! Эрта-индин ўла қолишини қаёқдан билибди? Дард берган Оллоҳ шифосини ҳам беради-ку?..»

Раҳматуллоҳ турли хаёлларга банди бўлиб узоқ ётди. Маҳбусларнинг у ёқдан-бу ёққа юришлари тинди. Қўнғир-қўнғир овозлар ҳам эшитилмай қолди. Бунинг ўрнини турли оҳанглардаги хуррак, алаҳсирашлар эгаллади. Тун яримлаганда Раҳматуллоҳнинг кўзи илинди. Ўн дақиқагина давом этган уйқусида ғалати туш кўрди. Тушида мударриси — қайнотаси уч бўлак оқ сурпни унга узатяпти. «Биттаси сенга, қолгани шерикларингга», дермиш. «Менам булар билан кетайинми? Унда тўрт киши бўламиз», дермиш Раҳматуллоҳ. «Биттангга лозим эмас». У шундай деб шохдор буғуга айланиб қолганмиш. Сўнг Раҳматуллоҳ унга миниб олганмиш. Буғу елдек учиб, уни тўғри Каъбатуллоҳга олиб борганмиш... «Хайрият, бомдодга етиб келдик», дермиш Раҳматуллоҳ.

Кейин муаззиннинг овози эшитилибди: «Оллоҳу акбар!» Раҳматуллоҳ Маккаи мукаррамада эканида баъзан шу азон товушини эшитиб уйғонарди. Субҳи содиқда янграган азон овози унинг руҳига мадад берар, яхши бир кайфиятда бошини ёстиқдан кўтарарди. Ҳозир ҳам қуш уйқусидан шу ҳолда уйғонди. Қулоғига азон товуши бошқа эшитилмади. Ўзини Каъбатуллоҳда эмас, яна сассиқ баракда кўриб, юраги эзилди. Комиссарнинг «Бўлақолинглар», деган овозини эшитди. Қизил командир бир инграб, ўрнидан турди.
— Тақсир билан хайрлашайлик, — деб пичирлади Мирҳосил.
— УйҚотманг, билмагани маъқул. Сотиб қўйиши мумкин.

Шивирлаб айтилган гап қиличга айланиб, Раҳматуллоҳнинг танасини қиймалаб ташлагандай бўлди. Хоинлик кўчасидан ўтиш мумкинлигини хатто хаёл қилмаган одам учун бундай гумон энг ёмон ҳақоратдан ҳам баттар эди. Комиссарга эса айнан шу керак эди. Сўнгги йўқловда у «Қандай бўлмасин Муллани олиб чиқасан», деган қатъий топшириқ олган, ўйлай-ўйлай Раҳматуллоҳнинг жиғига тегишни режа қилган эди. Режаси амал берди — Раҳматуллоҳ ўрнидан туриб уларга эргашди. «Шуларга қўшилиб жон бериш ёзуғимда бўлса, на чора», деб ўйлади.

7

Бошлиқ қоронғу хонада, дераза олдида ёрдамчиси билан турарди. Тўққизинчи барак эшиги очилиб, ҳовлида одам қораси кўрингач, мамнун жилмайиб кўйди.
— Умримдаги энг мароқли ов шу бугун бўлади, — деди-да, шарпаларга синчиклаб тикилди: — Кимни суяб юришибди, судралаётган ким?
— Кеча сиздан адолат талаб қилиб келган одам.
— Иккита тепкили ҳоли бор эканми? Шу аҳволда командирлик қилган эканми, э онасини... — Бошлиқ сўкиниб, ёнига тупурди. — Нима қиларди судраб, ўлса шу ерда ҳам ўлаверарди.
— Сир очилиб қолмасин, деб қўрқди.
— Ҳа, бўпти. Булари — сенга. Мулла — менга.
— Булар деганингиз... Комиссар ҳамми?
— Уми?.. Бугунча тегмай қўя қол унга. Яна керак бўлиб қолар. Уни кейинроққа олиб қўясан. Ўзига ўхшаган уч-тўртта маймунбашарани тўплайсан. Худди маймун овлагандек бўламиз. Тайгада маймун ови! Зўр бўлади, а?
— Зўр нарсаларни ўйлаб топасиз-а, — деб Ёрдамчи унга хушомад қилиб қўйди.

Қизишиб олмоқ учун истаконларни тўлдириб ароқ сипқоришди. Ёрдамчи лабини кафти билан артиб, ташқарига чиқди. Дам ўтмай соқчилар ўқ узиб «Қочди! Қочди!» деб бақириб қолишди. Шундан сўнг Бошлиқ худди катта ишни қойил қилиб қўйгандай Ғоз юриш билан хонасидан чиқди.

Ҳовлига тушган заҳоти соқчибоши югуриб келиб, ҳисоб берди:
— Маҳбуслар қочгани аниқланди.
— Кўзларинг қаёқда эди, соқчиларинг ғафлат босиб ухлаб қолибдими? — деб бақирди Бошлиқ. — Нечта экан қочгани?
— Тўртта.
— Қайси баракдан?
— Аниқлаяпмиз. Соқчилар издан қувишга шай.
— Сен шу ерда қол. Ўзим бораман изларидан.

Шу пайт тиканли симтўр ортидан буғунинг ўкириғи эшитилиб, ҳамма ҳушёр тортди.

Бошлиқ қочоқларни қувишга шошилмаётган эди. Айниқса, буғунинг ўкириғидан сўнг кўнглида «Мен чиқмай қўя қолсам-чи?» деган фикр ҳам пайдо бўлди. Бу фикрнинг умри қисқа эди. «Миш-мишларга ишонувчи қўрқоқ одамга айланяпманми?» деган иккинчи фикр биринчисини бўғиб ўлдирди. Бошлиқ оёқларини кериб, қўлларини орқасига қилган ҳолда бир оз турди. Кейин папирос тутатди. У бундай туришни собиқ командирига тақлид қилиб ўрганган эди. Гарчи ҳозир оқ зобитларни кўрарга кўзи бўлмаса-да, ўзи сезмаган ҳолда уларнинг кўп одатларини ўзига сингдирган эди. Хусусан, мана шу туриши, икки гапнинг бирида «онанг-ни», деб сўкиниб қўйиши, сўкина туриб тупуриши зобитлардан унга мерос бўлиб ўтган. Туркистон ўлкасига илк марта келганида, ҳали йигит чоғида унда бундай одатлар йўқ эди. Далада қўш ҳайдаб юрган йигит бу иссиқ ўлкаларга келиб одам ўлдирарман, деб ўйламаган ҳам эди. Дастлаб қўзғолончиларни отишда қўллари қалтираб тепкини боса олмаган эди. Бир у эмас, ёнидагилар ҳам шу ҳолга тушишганди. Ўша манзарани у тез-тез эслайди. «Шунақанги галварс эканмана», деб ўзидан-ўзи кулади. Ўшанда йигирмага яқин қўзғолончи отишга ҳукм бўлган эди. Улар жар бўйида, отувчиларга орқа ўгириб туришарди. «Отилсин» деган буйруқ янграши ҳамон бошларини буриб қарашарди.

Уларнинг маъюс кўзларини кўрган аскарлар милтиқ тепкисини боса олишмас эди. Ана ўшанда отда ўтирган зобит шарт қиличини яланғочлаб қўзғолончиларга яқинлашган, уларнинг калласини бир-бир узиб ташлаган эди. Аскарлар машқ пайтида ходачаларга ёпиштирилган лой каллаларни шундай узишарди. Зобит сўнгги каллани узгач, мўйловини бураган, аскарларни аввал сўкиб, сўнг бунга қаноат қилмай, қамчилаб хумордан чиққан эди. Орадан йиллар ўтиб, Бошлиқнинг дийдаси қотди, қўли қалтирамайдиган бўлди. Унинг қиличи ҳам талай каллаларни беармон узди. Чопон кийиб, салла ўраганларни кўрганда қўли қилич дастасига борадиган бўлиб қолган эди. Тонг отиши билан бошланажак ов ўша ўрганган кўнгилнинг ўртаниши туфайли эди. Унинг кўнгли қанчалик ўртанмасин, шошилмади. Чунки қочоқларнинг борар жойлари тайин — Комиссар белгиланган аниқ йўл бўйича бошлайди уларни. Ўрмонзорга чиқиб, дуч келган тарафга қочишса, бошқа гап эди. Бунинг устига, чалажон одамни судраб юришлари қийин. Сал нари кетишсин. Югуриб, судралиб, лойга беланиб ҳолдан тойишсин. Афт-башараларини буталар тирнаб азоб берсин. Ана ундан кейин овни бошласа бўлади — Бошлиқнинг режаси шундай эди.

8

«Наҳот сездирмай ўтдик?! Наҳот, қочиб қутулиш насиб этган бўлса?!» Симтикондан узоқлашишгани сайин уларни умид ҳисси тобора чулғаб борар эди. Ҳатто Раҳматуллоҳда илинж уйғона бошлаганди.

Дастлаб тез-тез юришди. Қизил командирга ҳам қувват киргандай бўлди.Ўлимни эмас, озодликни ўйлаб, қадамини илдам ташлашга ҳаракат қилди. Баданидаги оғриқларнинг тўхтаганига ўзи ҳам ажабланди.

Қамоқхона томонда милтиқлардан ўқ узилди. «Сезиб қолишди», деб ўйлашди бараварига. Ўқ овозлари уларни янада тез юришга мажбур этди. Оёқлари кўлмакларга тушиб, сирғаниб йиқилишса ҳам, тиззаларигача жиққа ҳўл бўлса ҳам, илдам юришди. Бир замон буғунинг ўкириғи эшитилдию ўқ овозлари бутунлай тинди.

Буғунинг ўкириғини эшитиши билан Раҳматуллоҳ тўхтади. Ўша заҳоти унинг қулоқлари остида муаззиннинг таниш овози янгради. «Бу не синоат бўлди?» деб ўйлади Раҳматуллоҳ.
— Домла, тўхтаманг, — деди Комиссар.

Чиндан ҳам тўхтаб, ўй сурадиган вазият эмас эди. Тонг бўзара бошлаганида улар қамоқхонадан ўн беш-йигирма чақирим узоқлашдик, деб мўлжал қилишди. Бунчалик кўп узоқлашишмаганини, балки йўл илонизи қилиб олингани учун шундай туюлганини фақат Комиссар биларди. Тонгда мўлжалдаги манзилга етиб келишгач, дам олишга рухсат берди.

Ёмғир сувини бўкиб ичиб, хамирдек кўпчиб қолган ерга чўзилишди. Тез юриб баданлари қизиб кетганидан, ҳолдан тойганларидан, ернинг захини сезмадилар. Ер бир неча дақиқа юмшоқ кўрпадек туюлиб, роҳатландилар. Баданлари совугач, зах ўз кучини кўрсата бошлади. Энг аввало, Қизил командир тепки азобларини яна ҳис қилди. Бир неча соат холи қўйган бу азоб энди ҳақини ундиришга қасд қилгандай забтига олди. Суяклари зирқираб, жони ҳалқумига келиб қолгандай бўлди.

Комиссар қаддини кўтариб, дарахтга суяниб ўтирди. «Вазифам битди ҳисоб, — деб ўйлади у. — Ҳозир келиб қолишади. Командир азобларидан биратўла қутулади. Мана булар бир-бирларининг сафсаталарини эшитишдан қутуладилар». Комиссар уларга ачингандай бўлиб, бир-бир қараб чиқди. Раҳматуллоҳ унинг хавотир зуҳур бўлган нигоҳини илғади. «Нимага ўтириб олди, нимага шоширмаяпти?» деб ўйлади. Мирҳосилда бундай синчковлик йўқ, у ўзини тамоман озод ҳис қилиб, сурурли булутлар устида сузмоқда эди. Комиссар бир неча ой ҳамтовоқ бўлган юртдошларининг ўлим билан олишувлари бошланишини биларди. У фақат ўз қисматинигина билмас эди. «Буларнинг нима бўлишлари тайин, — деб ўйлади у. — Мен-чи? Дайди ўқ ўлимга яқин турган Командирга эмас, менга тегса-чи?» Шу фикр хаёлига келиб сесканди. «Бошлиқ ов тугагандан сўнг қайтасан, девди. Нима учун ов тугашини кутишим керак? Тайинлаган манзили шу ер. Мен топшириғини уддаладим. Буларни чалғитиб изимга қайтаман энди. Бошлиқ ўшқирса, «Гапингизни яхши англамабман», дерман. Тепса, бир-икки тепар. Урса, бир-икки урар. Ўқдан кўра мушт еган маъқулроқ». Шу қарорга келиб, у ўрнидан турди.
— Жиламизми? — деди Раҳматуллоҳ ҳам ўрнидан туриб.
— Йўқ-йўқ, — деди Комиссар чўчиб. — Сизлар ўтира туринглар. Мен йўлни қараб келай.
— Мен бирга борай. Ёки Мирҳосил борсин. Ёлғиз юрмаганингиз маъқул.
— Хавотирланманг, домла, тезда қайтаман.

Комиссар шундай деб атрофга аланглаб, йўлни мўлжал қилган бўлиб, сўнг оҳиста юриб кетди. Раҳматуллоҳ тик турган ҳолида унинг изларини нигоҳи билан таъқиб этди. Азобнинг темир бармоқлари орасида эзилаётган Қизил командир унинг кетганига эътибор бермади.
— «Ябна Одама! Иза лам тасдаҳии минни фаъмал ма шиъта я мискину...»

Раҳматуллоҳнинг пичирлаб айтган гаплари Мирҳосилнинг ширин хаёлларини тўзитди.
— Тақсир, бир нима дедингизми?
— Комиссар кетди.
— Ҳа, йўлни қараб келади.
— Комиссар кетди,— деб яна қайтарди Раҳматуллоҳ.

Мирҳосил ажабланиб, ўрнидан турди.
— Тақсир, унга ҳали ҳам ишонмаяпсизми?
— Мен ҳар қанча яхши гумонда бўлмайин, у кетди. Ҳаракатимизни қилайлик.
— Шошилманг, шубҳангиз ноўрин.

Шу пайт яна ўқ овозлари эшитилди. Дам ўтмай буғунинг ўкириғи янгради.
— Қаёққа борамиз? — деди Мирҳосил хавотир инган киприкларини пирпиратиб.

Раҳматуллоҳ Қизил командирга қаради. У кўзларини чирт юмиб олган, буларнинг ташвишига шерик бўла олмас эди. Раҳматуллоҳ энгашиб, унинг пешонасига кафтини қўйди.
— Ўляпти, бояқиш, — деди Мирҳосилга қараб.

Яна милтиқ отилди. Мирҳосил ўқ овозлари қай тарафдан келаётганини билолмай аланглади. Тўсатдан бош кўтарган қўрқув уни телба ҳолига тушираётган эди.

Қизил командир оғриққа дош беролмай бақириб юборди. Бу ногоҳ қичқириқдан иккови ҳам чўчиб тушди.
— Астағфируллоҳ! — деди Қизил командир бу сафар пастроқ овозда. Сўнг калима қайтарди.
— Тақсир? — Мирҳосил «Эшитдингизми?» дегандай ҳамроҳига қаради. Раҳматуллоҳ эшитди, аммо Мирҳосил каби ажабланмади. Чунки «Эй одам фарзанди, қачон бало ва мусибатга йўлиқсанг, мени ёдга оласан. Лекин қачон у балони сендан кўтарсам, мени ҳеч танимас кишидек эсдан чиқариб юборасан», деган каломнинг ҳаётдаги тасдиғини кўп кўрган эди.
— Фиръавнни бекор эсламаган экан, — деди Раҳматуллоҳ.

9

Комиссар шерикларидан чамаси уч юз қадам узоқлашгач, доира ясаб, орқага қайта бошлади. Қамоқхона шу томонда бўлса-да, сезиб қолишмасин, деб атайин қарамағарши йўлни танлаган эди. Билишга-ку, барибир билишади, қарғашади, лаънат ўқишади. Лекин бу пайтда уларнинг ҳаёти қил кўприк устида, Комиссарники эса омонликда бўлади. Уларнинг қарғишлари, лаънатлари ёмғир томчиси каби ерга сингиб кетади. Комиссар шундай бўлишига ишонарди.

У буталарни шитирлатмай юришга ҳаракат қилди. Энди шошилмас, кўлмакларни четлаб ўтар, дам-бадам тўхтаб, атрофга қулоқ тутар эди. Шерикларидан анча узоқлашиб, мўлжалдаги йўлга тушиб олгач, ўқ овозларини эшитиб яна тўхтади. Ўқ овозининг қай томондан келаётганини чамалаётганида буғунинг ўкириғи эшитилиб, ўзи кутмаган ҳолда юрагига қўрқув оралади. У ўқ отилаётган ерни айланиб ўтиш учун овоз келаётган томонни аниқламоқчи эди. Буғунинг ўкириғи унинг режасини пароканда қилаёзди. У ўрмонзорда ўқ ўтмас буғу борлигини, буғу қандайдир илоҳий кучга эга эканини эшитган, энди ҳам ўқ отаётганларни, ҳам буғуни четлаб ўтишга мажбур эди.

Нима учун қўрқиб кетганини ўзи ҳам билмади. Аввалига қўрқувни ўткинчи деб ўйлади. Йўқ, қўрқув уни тарк этмади. Юраги қинидан чиққудай бўлиб, тез-тез ура бошлади. Қандайдир куч уни орқага, шериклари ёнига ундади. «Қайт, — деди ўша номаълум куч, — уларни янада узоқроққа бошла. Балки қутулиб кетишар... Ахир, сен ҳам инсонсан-ку? Кейин виждонинг қийналмайдими?..»

«Виждон... виждон... — деб пичирлади Комиссарнинг лаблари. — Қани, кимда бор ўша виждон?! Мен умримни тиккан ғоямга содиқман! Булар — душман! Мен туҳмат қурбониман. Эртами-кечми, менга ўхшаганларнинг доди ўртоқ Сталинга етади. Булар-чи? Қочишмоқчи бўлишди... Нодонлар... Душман душманлигини қилади. Барибир ўлимга маҳкум эди улар. Ҳукмни мен чиқармадим. Ўзларига ўзлари чиқаришди. Булар барибир ўлади. Қамоқда ўлганидан кўра озодликда ўлгани яхши эмасми?.. Мен айбдор эмасман. Виждоним пок. Оқланиб чиққанимдан кейин уларнинг уйларига бораман. Озод ҳолда жон берганларини айтаман...»

«Ўлишмаса-чи? Қочиб қутулишса-чи? — деди ўша номаълум куч. — Ҳеч бўлмаса биттаси қочиб қутулсачи?..»

Комиссар бу саволга дарров жавоб қайтара олмади. «Қутулиб кетиш қийин», — деб ўзига ўзи далда бермоқчи ҳам бўлди. Аммо бу жавобда қатъийлик йўқ эди. У номаълум куч билан баҳслашишни бас қилишга ўзида куч топди-да, таваккал қилиб қамоқхонага олиб бориши мумкин бўлган энг қисқа йўлни танлади. Бу сафар қадамини тезлатди. Вужудини тарк этмаётган қўрқув, тезроқ жон сақлаш қасдидаги ҳовлиқиш унинг зийраклигини маҳв этган эди. У тобора телба одам ҳолига кириб борарди. Энди кўзига кўлмаклар ҳам, юзғўлини тирновчи буталар ҳам кўринмас эди. Ҳозир унинг паноҳ топадиган жойи — қамоқхона. Ўй-хаёли бир — ўша ерга тезроқ етиб олиш... Бир маҳал саёз туюлган кўлмакка оёқ қўйди-ю, мункиб, юзтубан йиқилди. Аввалига ҳеч нимани сезмади. Дарров ўрнидан туриб, юзига ёпишган лойни енги билан сидириб, бир-икки қадам ташлади-ю, чап оёғида уйғонган оғриққа дош беролмай бақириб, яна йиқилди. Бу сафар тез турмади. Тўпиғи атрофидаги оғриқ аввал болдирига чиқди, кейин ҳамма ёғи зирқираб оғрий бошлади. «Эти узилди шекилли», деб ўйлади у. Аста қаддини кўтарди. Эҳтиётлик билан қадам босмоқчи бўлди. Оғриқ уни яна юзтубан қулатди. Бир оз ҳушини йўқотди, ҳушига келиб, судрала бошлади. «Яқин қолди, судралсам ҳам бир амаллаб етиб оламан», деб ўйлади. Уст-боши бўкиб кетди. Мияси қизий бошлади. Оғриқ кучая борди. Бир кўлмак ёнида тўхтаб, юзини ювди. Сал енгил тортгандай туюлди. Яна судралмоқчи бўлганида бутанинг шитирлаганидан чўчиб, атрофга аланглади: шохлар орасида милтиқ милини кўрди.
— Отманглар, бу менман! — деди жонҳолатда. — Комиссарман, отманглар. Топшириқни бажардим.

Шохлар иккига айрилиб, қамоқхона бошлиғининг ёрдамчиси, кейин бир аскар йигит чиқиб келишди.
— Ҳа, Комиссар, бу ерда нима қилиб ётибсан? — деди у милтиқни елкасига осар экан.
— Оёғим қайрилиб кетди, юролмай қолдим.
— Бошқалар қани?
— Ўша ерда. Бошлиқ айтган жойда.
— Сен командиринг билан бирга бўлишинг керак эди?
— Унинг аҳволи оғирлашди. Ҳушсиз ётибди.
— Бошлиқ сен билан Командирни менга ҳадя этган эди. Қаердан қидирсам экан, деб бошим қотиб турувдим. Оёқ остидан судралиб чиқдинг-а. Мароқланиб ов қиламанми, девдим. Ишни буздинг, сен мараз. Бугун чувалчанг отадиган куним экан-да. — Ёрдамчи милтиқни яна қўлига олиб, Комиссарга қаратди.
— Отманг, ахир топшириқни бажардим.
— Бажарган бўлсанг, яна яхши, — у шундай деб қўндоқни елкага тираб, Комиссарни нишонга олди. У Бошлиқнинг топшириғини бузмоқчи эмасди. Бошлиқ «Комиссар тирик қолсин», дедими, демак тирик қолади. Фақат пайти келганида уни бир ўйнатиб, томоша қилса чакки бўлмас. Ёрдамчи типирчилаб ёлбораётган Комиссардан бир қадам наридаги дарахтни мўл тепкини босди. Ўқ овози дарахтларнинг яланғоч танасига урилиб акс-садо берди. Комиссар жонҳолатда бир сакрадию, ерга қапишганича қимирламай қолди. Унинг бу қилиғини кўрган аскар йигит кулиб юборди.
— Тур! Комиссар, ўзингни ўлганга солма. Сенга ўқ тегмади. Биринчиси хато кетди.

Комиссар бошини кўтарди. Аммо қаддини ростламади.
— Ахир, мен сизларнинг хизматингизни қиляпман-ку? — деди у йиғламсираб.
— Сен шерикларингга хоинлик қилдинг.
— Улар шерикларим эмас, халқ душманлари...
— Ҳамманг бир гўрсан... Улар душман бўлса, сен душмандан чиққан хоинсан, улардан ҳам баттарроқсан. — Ёрдамчи яна тепкини босди. Ўқ Комиссарнинг шундайгина ёнидаги ерни титиб ташлади.
— Отманг! — У Ёрдамчи томон эмаклади.
— Орқангга қайт! — деб бақирди Ёрдамчи.

Комиссар тиз чўккан ҳолида унга нажот кўзлари билан боқиб, тошдек қотди. Ёрдамчи яна ўқ узди. Комиссарнинг қулоғига энди ўқнинг акс-садоси эмас, балки аёл кишининг ноласи урилгандай бўлди.

«Сен бизни еримиздан ҳайдаб чиқаряпсанми, сени қаро ер ҳам бағрига олишдан ҳазар қилади. Жасадинг бир қулоч лаҳадга зор бўлади. Мурданг қумурсқаларга ем бўлади ҳали...»

Бу нолани эшитиб, Комиссарнинг этлари жимирлашиб кетди. Атрофга телбаларча аланглади. Овоз эгасини қидирди. Ёрдамчи ундаги ўзгаришни сезиб, «Нима қиларкин», деб кутди.

омиссар бу овозни бир марта эшитган, кейин ўша заҳотиёқ унутиб юборган эди. Қоракўлчи бойнинг оиласини кўчираётганида унинг кексайиб қолган завжаси шундай нола билан қарғаган эди.

Комиссар ўшанда ҳам, ундан олдин ҳам буйруқни бажарган эди. Дастлаб бу хонадонга бостириб кириб, барча бойликларни тортиб олишди. Бой ота заррача қаршилик қилмади. Фақат бир чеккага ажратиб қўйилган териларга тегмасликни сўради. «Буларни закот учун ажратиб қўйган эдим», деб ялинди. «Закот билан Худони алдайсиз, халқни алдай олмайсиз», деди Комиссар.

Бой ота индамади. «Ҳой йигит, сен ҳам, ота-онанг ҳам тузимдан тотгансизлар. Сени одам бўлар, деб ўқитиб эдим, муҳтожларни қўлимдан келганича суядим. Ҳаж сафарига кетар чоғимда бутун маҳалла аҳлини ярим йил боқадиган мулк қолдирдим...», демади. Миннат қилишдан қўрқди. Комиссар эса унинг шу гапларини айтишини кутган, шунга яраша «Сен бу мулкни халқ қонини сўриб топгансан», деган жавобни тайёрлаб қўйган эди.

Комиссар бир ҳафтадан кейин эшитди — Бой ота ўлибди. Комиссар жанозага у ёқда турсин, ҳол сўраб ҳам кирмади. Онаси кўп ялинди, кир, деб, йўқ, кирмади. Орадан бир неча йил ўтиб, яна кирди бу хонадонга. Ҳаммасини кўчирди...

Ўшанда шундай нолани эшитган эди.

«Наҳот у жодугарнинг қарғиши ургани чин бўлса?» деб ўйлади.

Бир маҳал Ёрдамчи милтиғини елкасига осди.
— Ярим соат вақт бераман. Лагерга етиб олсанг — етиб олдинг, бўлмаса, нақ сассиқ оғзингдан отаман.

Бу гапдан Комиссар ҳушига келиб, ўрнидан турмоқчи, югуриб кетмоқчи бўлди. Лекин чап оёғини босиши билан жон азобида бақириб, йиқилди. Ёрдамчи, баттар бўл, деди-да, чўнтагидан папирос чиқариб, тутатди. Бир неча нафас ҳаракатсиз ётган Комиссар судрала бошлади. Бу судралишда ярим соат эмас, ярим кунда ҳам қамоқхонага етиб ололмас эди. Буни биларди, лекин «чиқмаган жондан умид» деганларидай, ҳозиргина эслаган қарғишини ҳам унутиб, олға интиларди. У бир оз судралгач, устига шох-шабба ташланган ўрага дуч келди. Ўрани бир неча йил муқаддам овчилар айиқ тутиш учун қазишган, қамоқхона қурилгач, бу ерларга келмай қўйишган эди. Чириб қолган шох-шабба Комиссарни кўтара олмади. Комиссар чуқурлиги бир ярим одам бўйи келадиган ўрага қулаб, ҳушидан кетди.

10

Кун ёришди.

Бошлиқ ёнига аввалги овларда ҳам бирга бўлган, синалган аскарлардан тўрттасини олиб, йўлга тушди. Қамоқхонадан пича узоқлашишгач, ёрдамчисига битта аскарни бериб, «Сен ўнгдан юр», деди. Ўзи қочоқлар дам олиб ўтирган жойга тикка юриб чиқмоқчи бўлди. Ярим соатлар чамаси йўл юргач, рўпарадаги буталар қаттиқ шитирлади. Бошлиқ тўхтаб тўппончасини қўлига олди-да, йўғон дарахт панасига ўтди. Унинг ишораси билан аскарлар ҳам ўзларини панага олдилар. Шитирлаш овози кучайиб, дам ўтмай баҳайбат шохли, баҳайбат гавдали буғу кўринди.

«Ўқ ўтмас буғу шуми?» деб ўйлади Бошлиқ. Буғу тўхтаб, бошини ғоз тутганича жим турди. Бошлиқ унга қараб кўзлари чўғдек қипғизил эканини, ўзидан ғалати ёғду таратаётганини кўрди. «Қани, кўрайликчи, ростданам ўқ ўтмас эканми?» деб шу кўзни мўлжалга олиб, тепкини босди. Ўқ изсиз кетгандек бўлди — буғу қилт этмади.
— Отинглар! — деб бақирди Бошлиқ. — Кўзини нишонга олинглар, кўзини!

Аскарлар пала-партиш ўқ уза бошладилар. Буғу «Қани, ҳунарингни кўрсатиб қол», дегандай бир оз жим турди. Сўнг тумшуғини осмон сари чўзиб ўкирди. Бу ўкириғдан Бошлиқнинг қулоғи қоматга келди. Икки аскар милтиқларини ерга ташлаб, орқага қоча бошладилар. Бошлиқ тўппончасидаги ўқларни отиб тугатди. Буғу яна чўзиб ўкирди. Бошлиқ шошилиб тўп-пончани қайта ўқлади. Аммо отишга улгурмади. Буғу бошини хиёл эгган ҳолда унга даф қилганича яқинлаша бошлади. Бошлиқ беихтиёр тисарилди. Буғу уни шохига илиб, четга улоқтириб юборишга қасд қилган, бироқ мақсадини амалга оширишга шошилмас эди.

Учинчи аскар ҳам аллақачон ғойиб бўлган, буғунинг рўпарасида фақат Бошлиқ қолган эди. «Нимага фақат мени таъқиб қиляпти?» Нима учун аскарларга парво қилмади?» деб ўйлади Бошлиқ. Буғу уни шунчаки таъқиб қилмас, балки дам ўнг, дам сўл томонга ўтиб, ўзи истаган йўлдан юришга мажбур этарди. Бошлиқ бир неча марта йиқилиб, балчиққа беланди, афти, қўлларини шох тилиб юборди. Бир неча дақиқада у ҳам қочоқлар ҳолига тушди. Ҳеч кутилмаганда буғу кескин сапчиди-да, уни шохига илиб олди. Икки-уч қадам босгач, бошини қаттиқ силкиб, типирчилаётган Бошлиқни итқитиб ташлади. Бошлиқ юмшоқ шох-шабба устига тушгандай бўлди. Тик қазилган ўра устига ташланган шох-шабба уни кўтара олмади. Бошлиқ ўра тубида ҳушидан кетди.

11

— Нима, шундай тураверамизми? — деди Мирҳосил.
— Қаёққа юрайлик? — деди Раҳматуллоҳ. — Йўлни Комиссар биларди.
— Тақсир, ҳозир пичингнинг ўрними?

Раҳматуллоҳ бу гапни тўғри маънода айтган бўлса ҳам Мирҳосил ундан ранжиди. Қизил командир кўзларини очди. Гарангсиб турган шерикларига қаради-да, ингроқ овозда:
— Бу ёққа юрманглар, — деди Комиссар кетган томонни кўрсатиб. — Ўқ овози шу ёқдан эшитиляпти. Комиссар ё қўлга тушди, ё ўққа учради. Бўлмаса, шу пайтгача қайтарди. Домла, мен муддаомга етдим. Энди менда ҳаётдан умид йўқ. Эркинликда топшираман жонимни. Сизлар менга қараманглар. Кетаверинглар...

Атрофда шарпа сезилиб, уччовлари ҳам пусиб қолишди. Бир оздан сўнг аввал қамоқхона бошлиғининг ёрдамчиси, сўнг эса аскар йигит кўринди. Уларнинг уст-бошлари лойга беланмаган, юзларида эса чарчоқ сезилмас эди. Ёрдамчи Бошлиқнинг бу ерга етиб келмаганидан аввалига ажабланди. Сўнг ўқ овозлари, буғунинг ўкириғини эслаб «Буғу овлашга киришиб кетган шекилли?» деб ўйлади. Кейин кўнглига бир шумлик келиб, ўзидан ўзи қувонди. «Бошлиқни бир қойил қилай», деган хаёлда ўгирилиб, аскар йигитга қаради:
— Булар эплаб қочишни ҳам билишмайди. Ялпайиб ётишини қара, — деди Қизил командирни имлаб кўрсатиб. — Яна битталаринг қани?

Қизил командир жавоб бермай кўзларини юмди. Ёрдамчи Мирҳосилга яқин келди:
— Яна биттанг қани деяпман?

«Демак, Комисcарни ушлашмабди», деб ўйлади Мирҳосил.
— Биз уч кишимиз...
— Комиссарларинг қани? — деди Ёрдамчи Раҳматуллоҳга қараб.
— Нет понимаш...
— Тушунтириб қўяйми?

Шундай деб Раҳматуллоҳга мушт тушириш қасдида қўл кўтарди-ю, кўзи унинг нигоҳига тушгач, қўлини қандайдир куч силтаб ташлагандай бўлиб, уролмади. Сир бой бермаслик учун кулимсиради:
— Хўп, тушунмасанг тушунмабсан. Қани, олдимга тушларинг!

Мирҳосил Қизил командирни суяб турғазди. Уларнинг қийналаётганини кўриб, Раҳматуллоҳ ҳам Қизил командирнинг қўлтиғидан олди. Аскар йигит олдинда, Ёрдамчи орқада борди. Бир чақирим йўл босишгач, аскар тўхтаб, орқасига қаради. Ёрдамчи унга, четроқ ўт, деб имлаб, маҳбусларга буюрди:
— Тўғрига юрларинг!

Улар яна беш қадам босишгач, оғзи ўприлиб ётган ўра лабига келишди.
— Ҳа, юрмайсанларми? — деди Ёрдамчи тўхтаб. — Ё таниш одамни кўриб қолдиларингми?

Мирҳосил энгашиб, беҳуш ётган Комиссарни кўрди.
— У сизларни орзиқиб кутяпти.— Ёрдамчи шундай деб аскарни имлаб чақирди-да, шивирлади: — Ўртадагиси сенга, сонидан от. Икки четдагиси менга. Эҳтиёт бўл, ўлдириб қўйма. Бошлиқ терингни шилади-я!..

Улар нима бўлганини билмай ҳам қолдилар. Милтиқ отилиб, аввал қизил командир сапчиб тушди. Кейинги ўқдан Мирҳосил ўрага қулади. Орадан бир нафас ҳам ўтмай Раҳматуллоҳ сонидан қаттиқ оғриқ сезиб, чўккалаб қолди. Кейин бўйнига милтиқ қўндоғи зарб билан урилгач, у ҳам ўрага йиқилди.
— Сен ўлим рақсини ҳеч кўрганмисан? — деди Ёрдамчи аскардан. Сўнг ўра лабига келиб, чўнқайиб ўтирди: — Қараб тур, кўрасан. Ҳозир ҳушлари ўзига келса бошлашади.

Аскар йигит ҳам Ёрдамчи ёнидан жой олди. Ўқ овозлари ҳам, буғунинг ўкириғи ҳам эшитилмай қолди.

«Ов тугади шекилли?» деб ўйлади Ёрдамчи. Анчагача ўрмон сукунат қаърига чўмди. «Ов тугади. Бошлиқ бало, буғуни тинчитмай қўймайди, — деган қатъий хулосага келди у. — Энди Бошлиқ қидириб овора бўлса аччиқланиши мумкин». Ёрдамчи шу тўхтамга келиб, аскарга буюрди:
— Учинчи квадратга қараб юр. Бошлиқни топиб, шу ерга олиб кел!

Аскар буйруққа итоат этиб, ўрнидан турган жойида қотиб қолди:
— Буғу! — деди у жонҳолатда. —Ўқ-ўтмас буғу!

Ёрдамчи ўйлаб ҳам ўтирмай Буғуни нишонга олиб, милтиқ тепкисини босди. Аскар эса милтиқ отиш лозимлигини ҳам унутиб, қочди. Ёрдамчи яна бир ўқ отди-да, у ҳам қоча бошлади... Буғу лопиллаб югурганича уни таъқиб этди. Бошлиқни қандай қувлаган бўлса, бунинг ҳам дам ўнг, дам сўл томонига ўтиб, ўзи истаган йўл бўйлаб қувди. Ёрдамчи оғзи ўпирилган ўра лабига келганида таққа тўхтади. Пастга эгилиб қарашга қўрқди. Орқасига ўгирилганида бошини эгганича шитоб билан югуриб келаётган буғуни кўрди. Ўзини четга олишга улгурмади. Буғунинг қаттиқ шохи унинг кўкрагини тешиб юборгандай бўлди...

12

Яна ёмғир савалай бошлади.

Ўрадагилар бирин-кетин ҳушларига келишди. Комиссар уларнинг яраланганларидан бехабар, хомуш боқаётган кўзларда айбнома ўқигандай бўлиб, талвасага тушди:
— Мен йўл қидириб юрган эдим. Қочди, деб ўйладиларингми? Ҳа, булар ўйламаса ҳам сиз ўйлагансиз, — деди Раҳматуллоҳга тикилиб. Раҳматуллоҳ унга жавоб бермади. Мирҳосил эса унга қараб туриб, хаста овозда деди: — «Тонгларнинг сирлари тўрни кенг ёйганда,
Биз — ғофил, уйқунинг қаърида қоламиз.
Тўлган ой кўкларда сузилиб борганда.
Биз — қўпол, тонгларнинг қаҳрида қоламиз...


Дерларки: «Ойларнинг нурида вафо йўқ!»
Демаслар уларки: «Айб бизда, биз бузуқ»...
— Аниқроқ гапиринг, нима демоқчисиз?!
— Комиссар... — Қизил командир сўнгги кучини йиғиб, гап бошлади: — Комиссар, сизни ҳеч ким айблаётгани йўқ. Сиз йўл топганингизда ҳам барибир қўлга тушиб, ўлиб кетардик. Домла, айтинг бунга: ўлим — ҳақ. Ҳеч ким тирик қолмайди бу дунёда. Шунинг учун ўлимдан қўрқмаслик керак. Ибодат қилганлар ҳам, қилмаганлар ҳам вақти келиб, жонларини топширишади. Комиссар, биз яраланганмиз. Бу ердан тирик чиқишимиз амри маҳол. Сиз ҳаракат қилиб кўринг. Ҳеч бўлмаса бир киши тирик қолиши, қачон бўлмасин юртга қайтиб, бизнинг душман эмаслигимизни етказиши керак. Ҳар биримиз юртни ўзимизча севдик, ўзимизча хизмат қилдик. Ҳар биримиз бир жойда қоқилдик, бир ерда адаш йўлга кирдик...

Қизил командирнинг кейинги сўзларини англаш мушкул бўлди. Пичирлаб, ямлаб айтилаётган сўзлар тинди. Ярим очиқ кўзлар юмилди. Сариқ киприклар қовушди. Мирҳосил савол назари билан Раҳматуллоҳга қаради. Раҳматуллоҳ унинг нигоҳини сезмагандай жим ўтираверди.

Тилдан қолган Қизил командир энди гапини хаёлан давом эттирар, дам булутлар устида сархуш учиб, дам қаттиқ ерга қулаб азобланарди. Кўзлари юмуқ бўлса-да, тутқун ҳамроҳларини кўриб тургандай туюларди. Бир маҳал тутқунларни оппоқ булут бағрига ютди-ю, кўринмай қолишди. Булут тарқалганда уларнинг ўрнида кўзлари ўйиб олинган ўша оқсоқол турар эди. Унинг икки қўли олдинга чўзилган, икки кафтида икки кўз соққаси турар эди...
— Ма, ол бу кўзларни, — деди Оқсоқол.
— Керакмас, — деди Қизил командир. — Ўзимнинг кўзларим бор.
— Кўзларинг кўрмайди. Кўрса эди, дўст ким, душман ким, фарқлар эдинг.
— Вақт ўтди энди... Ярамга туз сепманг.
— Қишлоққа кирганинг эсингдами?
— Эсимда. Қишлоқ кимсасиз эди.
— Қишлоқда фақат мен қолган эдим. Кўзим кўр бўлгани учун уйда ёлғиз менгина қолгандим. Кўзим нима учун ўйиб олинганини айтмадим, а, ўшанда? Сендай норғул йигит эдим. Муҳаммад Амин эшон қанотига кириб, ғазотга қўшилганим учун ўйишган кўзларимни. Жуда кўп одамни ўлдиришди. «Оллоҳ», деган тилларини кесишди. Сен у дамларни билмайсан... Сен ўшаларга қарши от суришинг керак эди.
— Бу гапни айтгансиз...
— Ҳа, айтганман. Юрагим зардобга тўлиб айтганман. Ўша куни дашноқлар келиб «Босмачи йўлини тўсамиз, ҳандақ қазинглар», деб кексаю ёшни қирга ҳайдади. Шомга яқин набирам қайтди. Дир-дир титрайди. Қўрқиб кетган экан бечора. Барчани қиличдан ўтказиб, ўзлари қазиган ҳандаққа кўмишибди. Оллоҳнинг марҳамати билан набирам қочишга улгурибди. Нима бўлганини айтди-ю, ўлди. Юраги ёрилиб ўлди. Кейин сен аскарларинг билан келдинг. Дашноқларни қув, дедим. Сен бекларга қарши от сурдинг...
— Эслатманг у дамни. Адашганман. Мен ҳам Худонинг бир гуноҳкор бандасиман. Армон билан топшираяпман омонатимни. Жонимнинг қийналиши ҳам шундандир.
— Сен хун олмадинг.
— Ололмадим...
— Энди ким олади? Руҳимиз чирқираб қолаверадими?
— ...
— Гапир.
— Мени қийнаманг.

Шу пайт Оқсоқол ёнида Комиссар пайдо бўлди. Қўлида чегаланган косада заъфарон сув.
— Комиссар, келганингиз яхши бўлди. Ичим ёняпти. Юрагимдаги армонларим чўққа айланганга ўхшайди. Сувни менга олиб келдингизми, раҳмат.
— Сув сизга, аммо битта шартим бор: Худо йўқ, деб айтинг, пайғамбар алдоқчи, деб айтинг.
— Комиссар, қўйинг бу гапларни. Мен ҳеч қачон бундай демаганман.
— Демаган бўлсангиз, энди айтинг. Сувни ичинг. Ташналикни босинг. Ором олинг. Сувни ичсангиз қўзингиз очилади, шифо топасиз.
— Болам, бу шайтоннинг гапига кирма, — деди Оқсоқол.

Комиссар уни нари итарди. Талабини яна қайтарди. Шу дамда Қизил командир Раҳматуллоҳнинг овозини эшитди, аниқ эшитди:
— Ла илаҳа иллоллоҳ...

Раҳматуллоҳнинг овози эшитилиши билан Комиссар ғойиб бўлди.

«Сув» деди Қизил командир.

Унинг овозини ёнидагилар эшитмади. Биттагина ёмғир томчиси лабига тушиб, жони роҳатланди. Чуқур-чуқур нафас олди-да, жимиб қолди. Бурун катаклари керилди. Чангак бўлиб турган оёқларини узатди. Раҳматуллоҳ сурилиб, Мирҳосил билан жой алмашдида, Қизил командирга яқинлашди. Унинг нафас олиши яна тезлашди, кейин бирдан сусая бошлади. Раҳматуллоҳ кафтини унинг жағига қўйиб, дона-дона қилиб калима келтира бошлади. Қизил командир кўзларини очиб, ниманидир қидириб олазарак бўлди. Раҳматуллоҳни кўриб, жилмайди. Шу алпозда кўз қорачиғи ҳам қотди. Нафаси ҳам ўчди. Раҳматуллоҳ бир кафти билан унинг жағини ушлаганича иккинчи кафти билан очиқ кўзларини юмди.

Мирҳосил ич кўйлагини йиртди. Марҳумнинг жағини, оёқларини боғлаб қўйишди. Қизил командирнинг устидаги калта тўнни ечиб, юзига ёпишди. Комиссар қунишиб ўтирганича уларнинг ишига аралашмади. Раҳматуллоҳ деворни тирнаб жасаднинг устига тупроқ тўкмоқчи бўлди. Бир неча марта таталагандан сўнг тирноқлари орасидан қон чиқди. Сонидан оқаётган қон ҳолдан кетказди. Пичирлаб «Таборак»ни ўқий бошлади. Сўнгги оятларни ўқиётганида тепада шохдор буғунинг қораси кўринди. Раҳматуллоҳ дуо қилаётганида у ўкирди. Раҳматуллоҳ бошини кўтариб, тепага қаради. Қулоғига муаззиннинг ширали овози урилди — «Оллоҳу акбар!» Раҳматуллоҳ овоз чиқариб тасбеҳ айтди. Буғу яна чўзиб-чўзиб ўкирди. Раҳматуллоҳ қулоғига муаззин тасбеҳ айтгандай бўлди.

Буғу пастга тушишга интилгандай типирчилаб, ўра атрофида айлана бошлади.
— Тушмоқчига ўхшайди, — деди Комиссар унинг ҳаракатини кузатиб. — Тушса, ҳаммамизни босиб ўлдиради.

Буғу ҳам шуни ўйлабми, пастга тушишга ҳаракат қилмади. Олд оёқларини букиб ўра лабига чўккаладида, бошини эгди. Раҳматуллоҳ ҳам, Мирҳосил ҳам кўп қон йўқотганлари сабабли ўринларидан қимирлашга мажоллари йўқ эди. Комиссар ўра деворига суянганича ўрнидан турди. Тепага қўлини чўзди. Қўли буғунинг шохига етай-этай деди. Ярим қадам ёнга сурилса, мурда устига оёқ қўйса етади. Шуни хаёл қилган дамда, Мирҳосил унинг мақсадини англаб қолиб, сурилди.
— Комиссар, елкамга қўйинг оёғингизни.

Мулозимат учун фурсат йўқ эди. Комиссар соғ оёғини йигитнинг елкасига қўйиб кўтарилди-да, буғунинг шохини маҳкам чангаллади. Буғу бошини осонлик билан кўтариб, уни ўрадан тортиб олди. Кейин яна чўккалаб бошини эгди.
— Эй жонивор, бизни чиқара олмайсан, — деди Мирҳосил унга қараб. — Тақсир билан қисматимиз бир экан. «Мангу тутқунликка кирдими ўлка, хаёлда порлаган шамларми сўнди?» Агар гапимизга тушунаётган бўлсанг, Комиссарни қамоқхонага элтиб қўй. У бизни сотди.
— Сотганим йўқ! — деб бақирди Комиссар ўтирган ерида.
— Сотдингиз, Комиссар, ўлаётган дамда тўғри гапни айтиб қолай. Сиз узоқ умр кўришингиз керак. То ўлгунингизча шу ўрани эслайсиз. Эслаб қийналасиз. Мен узоқ умр кўришингизни истайман. Буғужон, унинг ҳаётини асра, ўлмасин...

Буғу унинг гапларига тушунгандай бўлди. Қаддини тиклаб, Комиссарга яқинлашди-да, бошини эгди. Комиссар аввалига унинг ҳаракатига тушунмади. Кейин шохига осилди. Буғу аста юра бошлади. Комиссар эртаклардагина содир бўлгучи бу кутилмаган ҳодисадан хурсанд эди. Судралаётган оёғида оғриқ турса ҳам кўнгли чароғланиб борар эди. У ўлмай қолганига чиппа-чин ишонди. Буғу тўхтамасдан юрди. Комиссарнинг қўллари толди, аммо чидади. Анча йўл босиб ўтилгач, буғу тўхтаб, Комиссар ўзини ўра оғзида кўрди. «Шу жойга айлантириб олиб келдими яна?» деб ўйлаб, шошилганича пастга қаради ва... ҳаракатсиз ётган Бошлиқ билан Ёрдамчини кўрди-ю, қўрқувдан юраги қинидан чиқиб кетаёзди. Судралиб нари кетмоқчи эди, улгурмади. Буғу шохи билан суриб уни ўрага қулатди-да, чўзиб-чўзиб ўкириб қўйди.

Комиссар назарида ўрага қуламади, балки юмшоқ гилам устига юмалади, бу гилам уни осмонга кўтариб, сузиб кетди. Анчагача сархуш кезди. Сўнг бир таниш овозни эшитди:
— Сени ўлдирган одам тўғри жаннатга тушади!

Кимники эди бу овоз? Ҳа... Бой отанинг кенжа ўғлиники... Мулклари мусодара этилгач, уч кундан кейин «Отам чақиряптилар», деб келганди. «Бормайман, — деган эди Комиссар. — Бойлар билан гаплашадиган гапим йўқ». «Отам қон сийиб ётибдилар. Сизга айтар гаплари бор экан». «Биламан нима дейишини отангнинг. Мени ўқитиш учун пул берганини пеш қилади-да. Тағин ҳам осон қутулдиларинг. Бойларнинг куни битган, отангга айтиб қўй».

Бойнинг ўғли бу гапга чидай олмасдан унга ташланган эди. Тўппончаси ёнида бўлмаганида Комиссарни бу ҳирсдай йигит бўғиб ўлдириши мумкин эди. Осмонга қараб бир ўқ узганида йигит қочди. Қоча туриб айтган эди бу гапини.

Орадан ярим соат ўтмай эшиклари олдида арава тўхтади.
— Бой отамнинг ўзлари келибдилар, — деди Комиссарнинг онаси. — Жон болам, уларнинг тузини тотганмиз, отанг ўлганларида кафанликни ҳам Бой отам берганлар. Туз ҳаққи бу кишига қаттиқ гап айтма, ранжитма, жон болам...

Кўча эшиги қия очилиб, Бой отанинг тўнғич ўғли кўринди.
— Ҳеч бўлмаса шу остонага келарсан? — деди у дағал овозда.

Комиссар онасининг зўри билан остонага қадар борди. Бой ота ҳолдан тойган бўлишига қарамай, тирсагига тиралиб, қаддини сал кўтарди.
— Болам, мен сендан бир нима талаб қилиб келмадим. Сендан сўрайдиганим битта — рози бўлгин. Эсингдами, қиморда ютқазиб пул сўраганингда юзингга бир тарсаки урган эдим. Ҳаққим йўқ эди уришга. Шунга рози бўлгин, болам. Айт, рози бўлдингми?

...Анча йил бурун бўлган эди бу воқеа. Бой ота чиндан ҳам тарсаки туширган эди. Аммо қарзни тўлаб, сўнг уни ўқишга жойлаб қўйганди...

Комиссарнинг онаси қулоғи остида шивирлади:
— Розиман, дегин, болам.

Комиссар индамади.
— Бой ота, болам мингдан минг рози, ҳаммамиз розимиз. Сиз ҳам...
— Ўз оғзи билан айтсин.

Комиссар индамади. Бой ота бошини ёстиққа қўйди...

Комиссар шуларни эслади-ю, кўз ўнгида Бой ота гавдаланди. Уни сўнгги марта бемор ҳолида, арава устида тирсагига суянган ҳолда кўрган эди. Ҳозир тоза кийимлар кийган, хушрўй ҳолда кўрди.
— Бой ота, мен ўшанда мажбур эдим, — деди Комиссар.

Бой ота жилмайиб қўйди-ю, индамади.
— Мен сиздан рози бўлганман. Сиз ҳам рози бўлинг...

Бой ота яна индамади...

Комиссар кўзларини очди. Ўра оғзида булутли осмоннинг бир парчасигина кўриниб турарди. Буғу кўринмас, унинг овози ҳам эшитилмай қолган эди.

Ўрнидан қўзғолмоқчи эди, белида қаттиқ оғриқ туриб, бақириб юборди. «Нима бало, белим синибди-ми? — деб ўйлади. — Бир оз дам олай, кейин чиқишга уриниб кўраман. Мана буларни устма-уст қўйсам, чиқиб кетаман. Бу ўра пастроққа ўхшайди... Булар тирикми ё ўликми?..»

Дам ўтмай улар ҳам қимирлашди. Аввал Ёрдамчи, сўнг Бошлиқ кўзларини очди.
— Сенмисан? — деб ажабланди Бошлиқ ёрдамчисини кўриб. Сўнг Комиссарга ажабланиб қаради: — Бу қаердан келиб қолди?
— Ҳайронман, бошқа ўрада эди.

Бошлиқ елкасини ўра деворига тираб турмоқчи бўлди. Аммо кўкрагида кучли оғриқ туриб яна йиқилди.
— Сен анави маразнинг устига чиқ, — деди Бошлиқ ёрдамчисига.

Ёрдамчи у айтгандай қилди. Бошлиқ тишини тишига қўйиб, оғриққа чидаб, чап оёғини Комиссарнинг юзига, ўнг тиззасини Ёрдамчининг елкасига қўйиб кўтарилмоқчи бўлди. Бироқ, қаддини кўтара олмади. Иккинчи марта уринишда оғзидан қон келди.
— Тамом, — деди Ёрдамчи. — Чиқ, устига.

Комиссар судралиб Бошлиқнинг жасади устига чиқди. Ёрдамчи ўрнидан туришга уринди. Уддалай олмади. Бир неча дақиқадан сўнг у ҳам жон бериб азоблардан қутулди. Комиссар уларни устма-уст қўйишга ҳаракат қилди-ю, уддалай олмади. Тобора ҳолдан тояверди...

13

Буғу Раҳматуллоҳ билан Мирҳосил тушиб қолган ўра тепасига бир неча марта келди. Атрофни айланди. Бошини эгди. Ночорликдан эзилгандай тўхтовсиз ўкирди.

Пастдагилар бу жониворнинг сиридан бехабар, бу жумбоқни ечишга ҳаракат ҳам қила олмас эдилар. Буғу учинчи марта келганида юқорига қарашга мажоллари етмади. Мирҳосил кўз ўнгида устози гавдаланган, уни бағрига маҳкам босиб «Кўришамиз деган эдим-ку, мана, кўришдик. Сенинг кўрганларинг бир туш эди... Бир туш эди...», дейди.

Раҳматуллоҳ эса хаёлан Каъбатуллоҳ атрофида зикр айтиб юрарди. Маккаи мукарраманинг илиқ ҳавоси танасидаги музни ҳайдаб чиқариб, баданига ҳарорат берар эди. Муаззин овози эшитилди. «Оллоҳга шукр, субҳга етдик», деб ўйлади Раҳматуллоҳ. Шу ўй фикрини ёритдию жони узилди...

Буғу ўра лабида узоқ вақт қимир этмай турди. Сўнг шохлари билан лой тирнаб, ўрани кўма бошлади. Кейин Комиссар ётган ўрага бориб уни ҳам кўмиб ташлади.

Соқчибоши раҳбарлигидаги аскарлар эртасига қўрқа-писа ўрмонга чиқдилар. Узоқ қидиришга юраклари бетламай орқаларига қайтдилар.

Шу воқеадан сўнг буғу қамоқхона соқчиларини безовта қилмай қўйди.

Ўттиз Беш Йилдан Сўнг...

Бу ёруғ оламда тасодиф ила юз бергучи воқеалар кўп. Баъзан етти ухлаб бир тушда кўрмайдиган, ўз кўзингиз билан кўриб ҳам ишонгингиз келмайдиган ҳодисаларнинг гувоҳи бўласиз. Энди баён этилгучи воқеа ҳам шулар сирасидан.

Ўқ ўтмас буғу шохи билан ер тирнаб, тутқун ҳолида жон берганларни дафн этганидан кейин олам неча бор турланди. Раҳматуллоҳ ётган ердан майсалар униб чиқди. Ўрмонзорда дайдиб юрувчи буғу баъзи-баъзида бу ерга келиб, узоқ вақт маъюс кўринишда турар эди. Сўнг Бошлиқ ётган ерга бориб униб чиқмоқ илинжидаги майсаларни депсиб ташларди. Бу ҳол йиллар оша такрор бўлаверди. Шу тарзда орадан ўттиз беш йил ўтди. Буғу энди узоқларга кета олмайдиган бўлиб қолди. Унинг ўкириғи ҳам ўрмонни ларзага соладиган даражада эмасди. Буғунинг узоқларга кета олмаётгани фақат умр шоми яқинлашаётганидан эмас, балки бу атрофда одамларнинг кўпайиб қолгани, наъра тортиб ишловчи техниканинг ўрмон сукунатини бузиши ҳам сабаб бўлаётган эди. Ўрмоннинг қоқ белидан темир йўл ўтиши лозимлиги, бу қурилиш БАМ деб юритилиши, бу қурилишга Раҳматуллоҳнинг юртидан ҳам одамлар келгани, шубҳасиз, буғу учун номаълум эди.

Йигирма йилнинг нарёғида, қамоқхона бошқа ерга кўчирилгач, унинг ўрни харобазорга айланган эди. Қурилиш бошланиб, қолган-қутган бинолар таъмир этилди, идорага, ётоқхонага айлантирилди ва пештоқига «Штаб» деб ёзиб қўйилди. Бу ер гарчи «Комсомол зарбдор қурилиши» деган номда зикр этилса ҳам, аслида унда оғир жазоси енгиллаштирилиб, мажбурий меҳнатга ҳукм қилинганлар тер тўкишарди.

Уч кун эзиб ёққан ёмғир тунда тиниб, эрталабга яқин булут чоклари сўкилди. Ола чалпоқ булутлар орасидан қуёш кўринганда «Штаб» ҳали уйқуда эди. Икки кун бурун марказдан келган Вакил кўнгил хуморини ёзиш мақсадида бу ерда туни билан муҳим тадбир ўтказган эди. Оқшомда бошланган мажлис зарбдор қурилишда комсомолларнинг вазифаларини муҳокама қилиб олгач, зиёфат бошланган, сўнг сархуш Вакил истаги билан қарта ўйинига ўтиришган эди. Ўн тийиндан тикиб бошланган ўйин авжига минди. Қурилишнинг катта-кичик етакчилари қиморга уқувсиз эдиларми, ҳар ҳолда икки-уч мингдан ютқазиб, мўътабар меҳмон олдида «уялиб» қолишди. Ютуқ туғёнга келтирдими ё ичилган ароқ миқдори меъёрдан ошдими, Вакил уста қиморбоз эканига ўзи ҳам ишониб, «Лагернинг зўрини олиб келасан», деб туриб олди. Узун бўйли, қомати келишган, сочлари орқага таралган, кўзлари кибр билан боқувчи Вакилнинг истаги мезбон — комсомол зарбдор қурилиш отрядининг комиссари учун амри вожиб эди.

Мезбон ҳам, меҳмон ҳам шу баҳорда ўттиз бешга тўлган эдилар. Шунданми, юриш-туришда ҳам, гап-сўзда ҳам, хурмача қилиқда ҳам бир-бирларига ўхшаб кетардилар. Комиссар Вакилнинг истаги яхшилик билан тугамаслигини билиб, у айтгандай «зўр»ни эмас, зўрлар орасидаги Дастёрни чақиртириб келди. Дастёр Вакилни ярим соатдаёқ шилиб олиши мумкин эди. Комиссарнинг имо-ишораларига итоат этиб, ўйинни тонготарга қадар чўзди. Сўнг «Бу ўйин ҳазил эди», деб ютганларини ташлаб чиқиб кетди.

Ана шу мароқли тундан сўнг Вакил ҳам, Комиссар ҳам ҳордиқ чиқаришарди. «Зарбдор» қурувчилар нонушта қилиб, иш-ишларига тарқашганида ҳам «Штаб» уйғонмаган эди.

Комиссар пешинга яқин ланж ҳолда турди. Қабулхонасига чиқиб керишди. Эти жунжикиб, қўлларини бир-бирига ишқади. Шундагина эшик ёнида мўъминлик билан турган йигитга кўзи тушди.
— Ҳа, келдингми? — деди менсимаган тарзда.

Йигит салом берди-ю, унга якинлашишга журъат этмади.
— Кеч колдингми? Энди нима киламиз?

Йигит бўйнини кисиб, калин когоз кутиларга каради.
— Нима бу?
— Ноз-неъматлар...
— Ўзинг келдингми?
— Акам бирга келдилар.
— Акангми? Аканг нима иш килади?
— Айтувдим-ку... базада...
— Чакир акангни...

Йигитнинг акаси эшик оркасида турган эди, бир зумда Комиссар рўпарасида пайдо бўлди. У укасига ўхшаб ийманиб турмасдан, чаккон келиб Комиссар билан кўшкўллаб сўрашди.
— Уканг беш кун кечикиб келди. Бунинг учун нима бўлишини биласанми? Яна беш йил кўшиб беришса БАМ битгунча шу ерда могорлаб юраверади, — Комиссар шундай деб огзини баралла очиб эснаб, керишди.

Беш йил қўшиб берилиши ҳақида беписандлик билан айтилган гапни эшитган Йигит ҳам, унинг акаси ҳам чўчиб кетишди.
— Ҳазил қилманг, акахон, — деди Ака жилмайишга ҳаракат қилиб.
— Ҳазил онангнинг уйида бўлади. Бу ер давлатнинг идораси.
— Беш куннинг бир иложини топса бўлар, гуноҳни ювармиз. Акахон, ҳар ҳолда ошна-оғайниларимиз қараб туришгани йўқ.
— Сен чиқиб тур, — деди Комиссар Йигитга. Йигит буйруқни бажаргач, Акага қаради. — Гуноҳни ювиш осон эмас, буни биласанми?
— Биламиз, акахон, биз ҳам кўча кўрган одамлармиз.
— Кўча кўрганмиш... Кўча кўрган одам укасини қаматиб қўймайди.
— Ҳа, энди ғафлатда қолдик. Туҳмат бўлди-да...
— Туҳматми?.. Нима, совет тузуми фақат туҳматчилардан иборатми? Шундай демоқчимисан?
— Йўғ-э, акахон, унақа ниятим йўқ. Мен сиёсатга тушунмайдиган оми одамман. Чўт қоқиб юрган одамда бунақа фикр қаёқдан бўлсин?
— Гапни чўзмай чўтингни қоқ. Уйга бориб келишга берилган рухсат, беш кун кечикиш... хў-хўш... Агар хоҳласанг, муддатини қисқартириш имкони ҳам бор. Масковдан вакил келган, шуни хурсанд қилиш керак.
— Ҳаммасига тайёрмиз.
— Тайёр бўлсанг, ана пиджагим. Ўттизтани чўнтагига сол. Хонамга уканг олиб кирсин.

Комиссар шундай деб ичкарига кирди. Ака у билан савдолашишга журъат қила олмади. Пулни санади-да, илгичдаги ҳаворанг пиджакни олиб, чўнтагига авайлаб солди. Сўнг укасини чақирди.

Комиссар ичкарига киргач, диванда ётган Вакил кўзларини очди.
— Шампан топсанг-чи, Комиссар, — деди у эснаб.

Комиссар жавондан шампан виносини олди-да, косага қуйиб узатди. Вакил қаддини сал кўтариб, кўзларини юмганича винони симирди.

Сўнг бўшаган косани Комиссарга узатиб, лабини ялаб қўйди.
— Онамдан қайта туғилгандай бўлдим, яша, — деди ҳузур қилиб.

Йигит кириб пиджакни узатди.
— Ҳа, айтганимдай бўлдими? Яхши, мана, акангга илғорлардан эканингни айтдим. Бугун икки энлик хат қиламиз. Муддатинг қисқаради. Бор, ишингни қилавер.
— Комиссар,— деди Вакил ётган ерида керишиб.— Ўзбекистонда бўлганимда менга кабоб маъқул келган эди. Икки кундан бери кутаман, кабобнинг иси чиқмаяпти. Нима, меҳмондўстликни унутиб қўйдингларми?
— Кабобни сайлга мўл қўювдим. Ҳозир овга жўнаймиз. Йигитлар жой тайёрлаб кутишяпти. Шу атрофда буғу кўринган экан. Очиқ ҳавода буғу гўштидан кабоб ейишга нима етсин, а?

Вакил мамнун жилмайди.
— Кечаги зўрни ҳам чақир. Кайфда мени алдади. Бугун бир бурнини ерга ишқай.
— Бугун ўзимиз ўтирайлик. Йигитлар суҳбатингизни соғинишган.

Вакил бу таклифга ноилож кўнди.

Улар тушган «Вездеход» кичикроқ бир яланглик ёнида тўхтади. Ялангликка гиламлар тўшалган, ўртада тўкин дастурхон меҳмонга мунтазир эди. Улар овдан олдин қизишиб олмоқни маъқул кўришди. «Қизишиб олиш» маросими мўлжалдагидан кўпроқ чўзилди. Вакил ширакайф бўлиб, ёнбошлаб олди. Комиссар хизматда бўлди. Бошқалар «Вездеход» панасида давра қуришди. Буғу гўшти насия бўлгани учун штабда зираланган гўштдан кабоб қилишди.
— Урушдан илгари бобом шу ерларда хизмат қилган экан, — деди Вакил. — Аксилинқилобчилар ўқидан ҳалок бўлган экан.
— Қабрларини зиёрат қилдингизми? — деб сўради Комиссар.
— Қабрлари йўқ... Отишмадан сўнг жасадларини топиша олмаган экан. Ҳа, айтмоқчи, биз сен билан ҳамюртмиз, десам ҳам бўлади. Бобом юртингни босмачи ғаламислардан тозалашда қон тўккан.
— Шунинг учун ҳам биз сизни яхши кўрамиз-да. Ўзбекистон — сизнинг уйингиз. Қачон борсангиз, юрагимиз шодликка тўлиб кутиб оламиз. Мана, қаранг, сиз келдингизу бу ерларда ҳам офтоб чарақлаб кетди. Яхши одамнинг набираси эканингизни Қуёш ҳам тасдиқлади.

Улар ўтган яхши одам учун ичишди.

Сўнг Комиссар тилга кирди:
— Мени бу ишга таклиф қилишганида, нима учун йўқ демаганимни биласизми? — У Вакилдан жавоб кутмай, давом этди: — Кўпчилик кўнмади. Мен учун эса бу ерлар қадрли. Менинг бобом ҳам шу ерларда ҳалок бўлган эканлар. Бобом фуқаро урушида комиссар бўлганлар. Менинг лавозимим ҳам комиссарлик...
— Биз ота-боболаримиз ишининг давомчиларимиз, — деди Вакил кўтаринки оҳангда.

Оталар ишини давом эттириш учун ичдилар.
— Сизнинг ўғлингиз бор экан, — деди Комиссар жўшиб. — Менинг қизим бор. Биз қуда бўлишимиз мумкин. Ўғлингизни Ўзбекистонга олиб келасиз. Қизимнинг қулоғини тишлаб қўйсин. Бизда шундай удум бор.
— Унгача мен сенинг қулоғингдан тишлаб қўя қо-лай, — деб ҳазил қилди Вакил.

Ҳазилдан завқланиб, ўпишдилар.

Куда-андачилик учун ичмоқчи бўлишганида коржомадаги бир йигит уларга яқинлашди.
— Комиссар, қирқ иккинчи объектни қазиётганимизда одам суяклари чиқди.

Йигитнинг гапи Комиссарнинг ғашини келтирди.
— Чиқса нима бўпти, бир чеккага суриб ташла.
— Бир буғу пайдо бўлиб қолди. Ҳеч кимни йўлатмаяпти.

Буғу пайдо бўлиб қолганини эшитиб, улар бу ерга ов баҳонасида чиққанларини эслашди.
— Ўлжа ўз оёғи билан келибди-ку, кетдикми? — деди Комиссар Вакилга қараб.

Ширакайф Вакил ўрнидан турди-да:
— Буғу овлаш жону дилим, — деб ғудранди.

Экскаватор олдида уч киши турарди. Одам суяклари сочилиб ётган чуқурча лабида бошини эгиб олган буғу худди тош қотгандек эди. Комиссар шошиб милтиқни ўқлади-да, «Аввал сиз отинг», деб Вакилга мулозимат қилди. Вакил милтиғини шошилмай ўқлади, шошилмай нишонга олди. Тепкини босди. Биринчи ўқдан буғу қилт этмади. Вакил иккинчи тепкини ҳам босди. Буғу яна қимирламади. Вакил «Наҳот тегмади?» деган савол назари билан шерикларига қаради. Шошилганича милтиқни қайта ўқлаб яна тепкини босди. Буғу бошини кўтариб, ўкирди. Комиссар ҳам уни нишонга олиб ўқ узди. Буғунинг танасида жароҳат изи сезилмади. Ишчилар бу ҳолдан ажабланиб, экскаватор ортига чекиндилар. Буғу ҳам орқасига тисарилди. Кейин ҳеч кутилмаганда Комиссар сари сапчиди. Икки-уч сакрашда унинг рўпарасида пайдо бўлди. Аввал Комиссарни, сўнг Вакилни шохига илиб улоқтирди-да, дарахтлар орасига кириб ғойиб бўлди. Ишчилар Комиссар билан Вакилни суяб турғазиб, «Вездеход»га олиб борамиз деб туришганида буғу яна пайдо бўлди. У суяклар сочилиб ётган чуқурлик олдида бир оз турди. Кейин кутилмаганда ёнбошига шарт қулади. «Ўқ теккан экан-ку? — деб ўйлади Комиссар. — Унда нимага қон чиқмади?» Буғуга яқинлашишни ҳам, яқинлашмасликни ҳам билмай туришганида жонивор кичрая бошлади. Бир неча дақиқада дами чиққан пуфакдек ундан ҳеч нима қолмади. У ётган ердан енгил ҳовур кўтарилди. Бу ҳодисадан қўрқувга тушиб, тезда изларига қайтдилар. Яқингинада зиёфат еб ўтирган ерлари топталган, идиш-товоқлар синган, егулик-ичгуликлари сочилиб кетган эди. Хизмат қилиб юрган йигитлар эса қўрқиб, «Вездеход» ичида ўтиришарди. Улар бир баҳайбат буғу паё бўлиб ҳаммаёқни яксон қилиб кетганини айтиб беришди

Ҳамма нарса жой-жойида қолди. Барчалари машинага ўтириб, шошқич равишда штабга қайтдилар. Кечга бориб Комиссар билан Вакилнинг иситмаси кўтарилди. Ратсия орқали врач чақирдилар. Врач етиб келганида иккови ҳам ҳушини йўқотган эди. Уларни вертолетда олиб кетишди.

Шундан сўнг қирқ иккинчи объектдаги экскаваторга икки ҳафта давомида ҳеч ким яқинлаша олмади. Ўн беш кун деганда дадилроқ ишчилар бориб, суякларни қайта кўмишди. Лойиҳани бузиб, темир йўлни юз қадам наридан ўтказадиган бўлишди. Зиёфат бўлган жойга эса биров қадам ҳам босмади. Штабдан олиб келиб ёзилган гиламлар намгарчиликдан чирий бошлади.

Гиламлар тўшалган ер остида ҳам уч кишининг суяклари борлигини, бу ерда Вакилнинг бобоси — қамоқхона бошлиғи ва отряд комиссарининг бобоси — Комиссар мадфун эканликларини ҳеч ким билмади. Бу сирни буғу ўзи билан бирга олиб кетган эди.

Мухтасар Хотима

«Унет» сайёраси «1248» деб белгилаган Ер аҳли саксон йил муқаддам Тунгус ерларида содир бўлган воқеа ечимига етолмай гарангсиб юрганларида фалакда ғаройиб ҳодисаларга дуч келдилар. Ер сайёрасининг турли жойларида кўриниши улкан лаганни эслатувчи жисм пайдо бўла бошлади. Бировлар бу жисмни шунчаки одамлар кўзини алдовчи нур ўйини деб исботламоқчи бўлдилар. Бировлар эса узоқ сайёралар вакили деб ишондилар. Иккинчи тоифа одамлар янглишмаган эдилар. Чиндан ҳам бу жисм Унет элчиларини олиб келган иккинчи фазо кемаси эди. Улар ер атрофини айланиб, аввал сафар қилган фазогирларини излар эдилар. Уларга ҳали фалокат сабаби қоронғу. Лекин фазогирларнинг бири бераётган хабар оқими уларда илинж уйҚотган эди. Аввалги кема бепоён ўрмон устида тўхтаганини, фазогирлардан бири шу ерларда кўп учрайдиган буғу жасадига кирганини, кутилмаганда кема портлаши натижасида ўз қиёфасига қайтолмагани ёинки ерликлар шаклига кира олмаганини ана шу хабар оқимидан билишди. Хабар ниҳоятда ожиз тўлқинда эди. Шунда улар бу оқим анча илгари тарқаган, фазогир эса ҳалок бўлган деган тахминга боришди. Уларга Ер билан алоқа ўрнатиш ман этилган эди. Шу боис осмонда ёғду таратиб учишдан бўлак имконлари йўқ эди. Бепоён ўрмонзор устидан учишаётганда улар сўнгги хабар оқимини олишди: «Мен ўзимиз каби мусулмон бандани учратдим. Уни қутқариб қола олмадим. Армон билан кетмоқдаман...»

Унет сайёрасидан келган фазо кемаси изига қайтди.

Учинчи кема Ер вақти билан орадан эллик тўрт йил ўтгач келади. Улар ерга тушадилар. Раҳматуллоҳ кўмилган, буғу жон берган жойни топадилар. Ўша ерда марҳумларга жаноза ўқилади. Биз ҳам фотиҳага қўл очамиз: «Аллоҳум мағфирлиҳаййина ва маййитина ва шаҳидина ва ғоибина ва соғийрина ва кабирийна ва закарина ва унсана. Аллоҳумма ман аҳяйтаҳу минна фа аҳйиҳи аълал-ислами ва ман таваффайтаху минна фатаваффаҳу аъла-л-ийман!» Омийн!

1996