OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

2 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифТоҳир Малик
Асар номиОзод инсон ҳақида қўшиқ (II- қисм)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Тоҳир Малик
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Қиссалар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм271KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2011/07/28
Манбаhttp://forum.ziyouz.com/ind...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Озод инсон ҳақида қўшиқ (II- қисм)
Тоҳир Малик

VII

Берлин

Неча ҳафталардан бери терговчини қизиқтираётган воқеалар Берлин атрофида юз берган эди. Терговчи қўлидаги ғайримаълумотларнинг асосийлари ҳам айнан урушдан кейинги дамларга хос эди.

Уруш совет қуролининг ғалабаси билан тамом бўлгач, улар Берлин яқинида, Эберсвальде деган шаҳарда бир ойча турдилар. Энди ўқ ёмғирлари ёғилиб турган жанггоҳларга сафарга чиқишмас, таҳририят жам бўлиб ўтириб газета чиқаришарди. Бўш вақтларида аҳолиси сийраклашиб қолган, вайрон шаҳарни кезиб, “сайр” қилишарди. Шундай кунларнинг бирида Йўлчиев билан Мирзакалон соатсоз дўконига киришди. Икковининг ҳам соати бузилган эди. Бу соатларни хўжайиннинг лаб-лунжини бўёқ билан қуюққина чаплаган, қулоқларига ҳайбатли, оғир шақулда, қўлларига қатор узук таққан, кўзлари сузилиб, ниманидир ваъда этаётган офатта хотин қабул қилди. Мирзакалоннинг соатида баъзи қисмлар йўқ бўлгани учун “уста билан гаплашиб кўраман, эртага келиб, хабар олинг”, деди. Шу он эшакдек келадиган баҳайбат итни етаклаб, ичкаридан баланд бўйли, онаси каби безадоқли немис қиз чиқиб келди. Йўлчиевга тикилди-ю, кўзлари билан кулиб қўйди. Узоқ Шарқни “гуллатиб” келган Йўлчиев учун шунинг ўзи кифоя эди. Ўзи билмаган тилда жуғурлашиб қолгач, Мирзакалоннинг ғаши келиб, дўкондан чиқиб кетди. Йўлчиев анчадан кейин қайтди. Унинг кайфи чоғ, руҳи баланд эди. Қувончини ичига сиғдира олмай, таассуротини ўртага тўкди: соатсознинг уйига кирганмиш, уйи бой, сербисот эканини, чинакам ҳаётни энди кўрганини ҳаяжонланиб гапирди. Шундан сўнг у ўша сербисот уйга ичкуёвдек бўлиб қолди. Таҳририят Берлинга кўчиб ўтганидан кейин ҳам бу оилани зиёрат этишни канда қилмади.

Мирзакалон биринчи ташрифдан сўнг, хотиннинг таклифига биноан эртаси куни соатининг тақдирини билиш мақсадида дўконга яна келди. Хўжайиннинг хотини устани чақирди. Кўзлари самимий кулиб турувчи, йигирма беш ёшлардаги бир йигит чиқди-да:
-Здрас товариш официер!-деди. Кейин русча-немисча-французча аралаштириб бир нималар гапирди. Сўз топилмаганда, қўл ҳаракатлари билан уқтирди. Мирзакалоннинг зўрға уқишича, у француз экан, гитлерчилар лагеридан совет солдатларини озод қилишда иштирок этганмиш. Уста сўз орасида севиниб, қувониб: “Вива, совет золдат”, деяр эди нуқул. Хуллас, соатни албатта тузатиб беражагини айтиб, “оне гельд работа” , яъни “текинга тузатиб бераман”, деди. Икки кундан кейин соат тайёр бўлгач, у соатга қўшиб бир фотосуратни ҳам узатди. Мирзакалоннинг минг азоб билан уқишига қараганда, у: “Мана шу суратдаги одам осиёлик эди. Биз уни Гитлер лагеридан озод қилганмиз, кўрганингизда қувониб юрарсиз, балки у сизнинг ҳамшаҳрингиздир, балки уйга қайтганингизда учрашиб қоларсиз”, деган эди. Мирзакалон унинг лутфини рад этмади.

Қирқ бешинчи йилнинг июлида таҳририят Берлинга, Шоссештрассе кўчасига кўчиб келди. Бу ер тураржойлари бўлиб, ишлайдиган хоналари ва босмахона бир ярим чақирим жануброқда – Инвалиденштрасседа эди. Шаҳар транспорти ишдан чиққани учун эртаю кеч пиёда қатнар эдилар. Берлинга келишгач, Мирзакалон кўпроқ Йўлчиев билан бирга бўлиб, Мелиев билан Илёсов эса меҳрибон божалар каби яқинлашиб кетдилар. Икковлашиб ишга барвақт чиқиб кетсалар-да, Мирзакалон бир-икки соат кейин борганда ҳам улар ҳали идорага етиб келмаган бўлардилар. Баъзан тушликда кўринмай қолардилар. Айрим кунлари ишдан барвақт чиқиб, ётоққа ярим кечада қайтардилар. Бу ҳол замирида маҳфийлик бўлмаса-да, Йўлчиевнинг “қаерларда санқиб юрибсанлар?” деган саволига ҳар сафар “бичиқчиникида эдик”, деб жавоб қайтаришарди. Лекин нимани бичтираётганларини айтмасдилар, бичтираётганлари ҳам тикилиб адо бўлмасди. Ишга доим кечикиб келишлари, вақтли кетиб қолишлари жонига теккач, Йўлчиев улардан тўғри гапни талаб қилди. Шунда Мелиев чақчақ уриб кулди-да:
-“Бичиқчи” деганимиз шунчаки гап. Биз бир жононникига борамиз. Ўзи немис майорининг хотини. Уйини, кийинишини, ўзини кўрсаларинг – эсларинг оғади. Берлинда бунақа танноз ойимни ҳали кўрганим йўқ, кўрмасман ҳам! Ана шу ҳурилиқо шоир Илёсовга ошиқу-беқарор, ҳар куни кўриб турмасалар Илёсов бояқишни тириклайин ебгина ташлайди. Ана шуникида бир-икки соат ўтириб келамиз,-деди. Илёсов бу гапга бирон нарса қўшмаганидек, ё ҳазил, ё ёлғон деб рад ҳам қилмади. Кейин бир-икки оғиз сўз бермай, у хотиннинг чинакам дилбарлигини, эркалиги-ўктамлигини, уйида овқат, кийим-кечак кўплигини мақтай кетди. У гапини охирига етказмай, Мелиев қўшимча қилди:
-Илёсов уни кунда бир кўрмаса хуммор қиладиган бўлиб қолибди...
-Сизнинг вазифангиз-чи? Илёсовни герр-майор хонимга қўшиб қўйиб, кўчада қоровуллик қилиш бўлиб қолдими?-деб истеҳзо қилди Йўлчиев.
-Йўқ, бизга насиб қилгани ҳам бор, биз ҳам қуруқ эмасмиз,-деди талтайиб Мелиев.

Бу таърифу-тавсифлардан таъсирланган Йўлчиев “биз ҳам бир кўрайлик”, деб кўнгли суст кетди. Икки ошна бу илтимосни қабул қилсалар-да, “эрта-индин”, деб галга солишаверди.

Потсдамга кўчишларидан олдин, босмахонага қараб бораётган Мирзакалон кўчада кутилмаган қувончли воқеага дуч келди. Икки совет аскари билан тўрт немис йигитнинг муштлашаётганини кўриб, уларни ажратишга шошилди. Аскар йигитларнинг қуролни ишга солмаётганларидан билди-ки, жанжалга арзимаган нарса сабаб бўлган. Дарҳақиқат, шундай бўлиб чиқди. Муштлашаётганлар ажратилгач, аскарлардан бирининг немис йигитидан велосипедни тортиб олмоқчи бўлганлиги аниқланди. Мирзакалон учун бу муҳим эмас эди. Уни аввалига лол қолдирган, сўнг қалбини қувонч сели билан тўлдиргани – велосипедни тортиб олмоқчи бўлган сержант унинг укаси Умиджон эди!

Ҳунар билим юртида чилангарлика ўқиётган Умиджон амалиётни ўташ учун Таганрогга борган кезлари уруш бошланди. Таганрогга дастлабки бомбалар ёғдирилганда ҳам у шу шаҳарда эди. Ҳаммаёқ ағдар-тўнтар бўлган кунларда ҳали у, ҳали бу поездга чиқиб, пулсиз, ош-овқатсиз бир амаллаб Тошкентга қайтиб келди. Келди-ю, яқинлари билан дийдорлашишга улгурмади – кўчадаёқ қўлга олиниб, урушга жўнатилди. Шундан бери ака-ука хат орқалигина хабарлашишарди. Ғалаба кунидан бери икковлари бир шаҳарнинг ёнма-ён икки кўчасида яшашларига қарамай, ёзган хатларини бир ярим, икки ой деганда олишарди. Манзилга “Полевая почта” деб рақамланувчи мактубда қаерда эканликларини маълум қилиш мумкин эмас, ҳарбий сир эди.

Умиджон билан дийдор кунлари узоқ давом этмади. Армия разведкасидаги хизматлари юқори тақдирланган, “Шуҳрат” орденлари билан мукофотланган, баланд бўйли, келишган сержант Исмоилов Берлиндаги Фахрий қоровул сафида хизматга олиб қолинган эди. Таҳририят Потсдамга кўчгач, уларнинг дийдорлашувлари қийинроқ бўлиб қолди.

Бир сурат тарихи

Потсдамда эканликларида Мирзакалон газетанинг янги сонини босиш жараёнини кузатиб турганида аввал Мелиев, унинг ортидан Илёсов ҳовлиқиб кириб келдилар. Мелиевнинг қўлида сурат бор эди.
-Мирза!-деди у эшикни очиб кириши билан, сўнг қўлидаги суратни узатди.-Танийсанми?

Мирзакалон суратни қўлига олмади, Мелиев бундан ғашланмасдан қўлини чўзганича тураверди. Мирзакалон темир хоч таққан, “СС” кийимидаги одамни аниқ таниди: уруш йиллари унинг номи тилга олинса, албатта “ватан хоини, фашист” деган сифат қўшиб айтиларди. Шу боис суратдаги Абдулла Тўлаганни таниган Мирзакалон беихтиёр “Оббо ит эмган!” деб юборди. Абдулла Тўлаган урушдан илгари “Қизил Ўзбекистон” газетасида Мелиев билан хизмат қилиб, ўзини ҳамиша ҳақиқий коммунист қилиб кўрсатиб келган ўрта-миёна савиядаги журналист эди. Фашист кийимидаги суратнинг пайдо бўлиб қолиши Мирзакалонни ажаблантирди. Оғзидан чиққан иккинчи қатор сўз “Қаердан олдинг?” сўзлари бўлди.

Мелиев тўртинчи қаватга югуриб чиққаниданми ёки суратни топгани туфайли ҳаяжонланганиданми, хансирашини босолмас эди.

-Ресторанда хотинини кўрдик!-деди-да, гапининг ёлғон эмас, ростлигини тасдиқлатгиси келгандек, орқасидан келган Илёсовга ўгирилиб гапирди:-А, Илёсов?

Табиатидаги қўрқоқликни камгаплик ниқоби билан тўсувчи Илёсов бу сафар ҳам одатига хилоф қилмай: “Ҳа”, деди-қўйди. Илёсовнинг “ҳа”си Мелиевга далда берди чоғи, у чаламан-чатти қилиб, гапира кетди:
-Биз унинг хотинини ресторанда кўрдик,-Мелиев шундай деб такрорлаб, яна Илёсовга бир қараб олди.-Ресторанга кирсак, офицерлар столи ёнида иккита немка ўтирган экан. Биз ўз жойимизга ўтириб, пиво чақирдик. Иккаламиз ўзбекча гаплашиб ўтирган эдик,-шу ерга келганда Мелиев яна шеригига “А, Илёсов?” деб тасдиқлатиб олди. Илёсов яна бояги бир бўғинли “ҳа”сини юмалатгач, Мелиев давом этди:-Ҳалиги немкалардан бири: “Сизлар қаерликсизлар?” деб сўраб қолса бўладими?! Мен “Тошкентликмиз”, деган эдим, немка: “Туркистонданми?” деб қизиқди. Кейин ўзининг эри ҳам туркистонлик эканини айтди, а, Илёсов?-сўроққа жавобан Илёсов ўзидаги “ҳа” заҳирасининг яна биридан ажради.-Кейин сумкасини очиб, шу суратни кўрсатиб қолса бўладими?! Муни қара!-деди Мелиев суратни Мирзакалоннинг тумшуғига суқиб.-Абдулланинг ўзи-я?!
-Хўш, ундан кейин нима бўлди? Уёғини гапир,-деди Мирзакалон.

Мелиев энди ўзини анча тутиб олган эди, шошилмасдан, ҳовлиқмасдан гапирабошлади.
-Хотинга: “Ие, бу менинг ўртоғим Абдулла-ку?” девдим, “Ҳа, Абул Завқий”, деди,-Мелиев гапи шу ерга кеганида Мирзакалоннинг елкасига туртди:-Эсингдами, ҳов журналда “Завқий” деган таҳаллуснинг кимлигини билолмаган эдик. Ана ўша шу қизталоқ экан. Кейин Абдулланинг қаердалигини сўраган эдим, “кетган”, деди. Ўзи ҳам бир-иккита ўзбекча сўзларни билар экан, айтди, тузук. Эртага уйига борадиган бўлдик, а, Илёсов?- Илёсов яна битта “ҳа”сидан маҳрум бўлди.-Сурати билан адресини олиб қолдим. Ё ўзи келиб бизни олиб кетади ё ўзимиз қидириб борамиз.

Кечки пайт, Мирзакалон ётишга тайёргарлик кўраётганда Мелиев кириб келди:
-Даюсни ўлиб кетди, десак, бу ерда мазза қилиб юрган экан... Биз бўлсак ўрмонларда не-не азобларни кўрмадик,-деди афсус билан.

Уйқуси келиб турган Мирзакалон у билан бу ҳақда гаплашгиси келмай:
-Э-э... маззаси бошини есин!-деб қўйди, кейин эътирозига изоҳ берди:-Унинг ҳозирги ҳолати менга қўл-оёғи синган, ўласи ҳолда калтакланган ва фақат ўлиш учунгина инига судралиб кириб кетган юмронқозиқни эслатяпти. Агар шу “мазза” дейиладиган бўлса, кечдим мен бундай маззадан.

Мелиев яна бир оз ўтирмоқчи эди, лекин Мирзакалон босмахонада чарчаганини айтгач, чиқиб кетди.

Эртасига эрталаб Абдулла Тўлаганнинг хотинини ваъда қилган соат ўнга қадар кутдилар, аммо у келмади. Тўртовлари маслаҳатлашиб, Илёсовни қолдириб кетишга келишдилар. Агар хотин кечикиб келадиган бўлса, Илёсов у билан бирга орқаларидан бориши керак эди. Мирзакалон Йўлчиев, Мелиев билан бирга йўлга тушди. Мелиев ҳамроҳларини Шварцкопфентрассе кўчаси билан бошлаб, бир тоннелдан олиб ўтди-да, бирор ўн дақиқа юрганларидан кейин Абдулла Тўлаганнинг хотининикига бошлаб келди. Мелиевнинг қўлида адрес ёзилган қоғоз бўлса-да, ундан қарийб фойдаланмай, адашмай, тез ва чаққон топиб келиши Мирзакалонга ажабтовур туюлса-да, индамади.

Мелиев биринчи қаватдаги хонадон эшигини тақиллатди. Ичкаридан йигирма икки-йигирма тўрт ёшлардаги кўримсиз, арвоҳ, бадқовоқ, қотма бир хотин эшикни очди ва Мелиевни кўрибоқ. “А-а, келдингларми?” деди. Даҳлизга киришгач, Мелиев шу бадбашара жувонни Абдулла Тўлаганнинг хотини, деб дўстларига таништирди. Уйда иккинчи, бундан кексароқ, ўттиз икки-ўттиз беш ёшларда яна бир немис хотин ҳам бор эди. Ўзини “Рут” деб айтган хотин иккинчи аёлни “онам” деб таништирди. Бу хотин бўйининг пастлиги, ўзининг тўлалиги ва башарасининг тамоман бошқалиги билан Рутга она бўлолмас эди. Уларнинг икки хонадан иборат бўлган уйлари бисотларининг камлиги, фақирона мебеллари билан етим боладек қимтиниб турар эди.

Ўртага қўйилган стол атрофига ўтирдилар. Немисчани нисбатан яхшироқ билгани учун, шунда ҳам юз, қўл, бармоқ ҳаракатлари ёрдами билан кўпроқ Мирзакалон гаплашди. Ҳаммаси бўлиб ярим соатдан ошмаган суҳбат натижасида маълум бўлди-ки, Абдулла Тўлаган “Туркистон комитети”нинг марказий нашри “Янги Туркистон”да масъул муҳаррир бўлиб ишлабди. Рутдан Абдулла Тўлаган чиқарган газета-журналлардан борми-йўқлигини сўрашган эди, у: “Бор эди, эрим кетишда “ҳаммасини ёқиб юборгин”, деб тайинлагани учун ёқиб ташладим Ундан хотира фақат шу икки нарсагина бор халос”, деб бир фото сурат билан журнал қирқмасини кўрсатди. Фото аллақандай меҳмондорчилик пайтида стол атрофида олинган бир тўда нотаниш кишиларнинг сурати эди. Унда Абдулла Тўлаган ҳам, шунингдек, улар танийдиган бошқа кишилар ҳам йўқ эди. Журнал қирқмасидаги суратда эса Вали Қаюмхон билан Абдулла Тўлаганнинг ўз журналларини кўриб турган пайтлари акс эттирилган эди. Сурат остига: “Севгили президентимиз ва шефимиз Вали Қаййумхон ва “Янги Туркистон” журналининг муҳаррири Абул Завқий навбатдаги сонни кўрмоқдалар. Фото Ражаб”, деб ёзилганди. Қирқмани Илёсовга кўрсатиш учун сўраб олдилар-да, фотосуратни эса танийдиган одамлари йўқлиги учун, эгасига қайтардилар.

Мирзакалон тураржойларига қайтгач, журнал қирқмасидаги суратни Илёсовга кўрсатди. Илёсов суратга қараб калласини қимирлатиб қўйди-ю, ҳеч нима демади. Калласининг қимирлатишида “Оббо, итваччалар!” деган нафратдан кўра, “Ҳа, мен буни кўрганман”, деган маъно кучлироқ эди. Журнал қирқмасидаги суратни Илёсовга кўрсатиш баҳонасида олган бўлса-да, Мирзакалон ундаги тасвирдаги Вали Қаюмхон чеҳрасининг чанг босиб ётишини ёки ахлатхонада чиришини истамаган эди. Уруш йиллари немислар томонида бўлгани учун Вали Қаюмхонни ватан хоини деб билиб, ундан нафратланиши лозим эди. Лекин бу одам урушдан анча илгари ўз фаолияти билан Мирзакалон каби юзларча ёшлар юрагида миллатга муҳаббат туйғусини уйғотган, миллат озодлиги учун кураш иштиёқи чўғини ёш қалбларда ёққан эди. Уруш йиллари бу одамларнинг миллат озодлиги учун кураш услубини қанчалик тўғри ёки нотўғри танлашганини Сталинграддан то Берлинга қадар қарийб пиёда, қон кечиб келган, неча мингларча ўзбекларнинг номли ва номсиз қабрларда кўмилиб ётганига гувоҳ бўлган Мирзакалон узил-кесил тўғри баҳолай олмас эди. Бу ҳақда кўп ўйлар эди, аниқ хулосага келолмай, ҳукмни тарих ихтиёрига топшириб қўя қоларди. Суратни кўрганда бу одамга нисбатан урушгача бўлган меҳри уйғонганини шериклари сезишган бўлса эҳтимол...

Суратни Илёсовга кўрсатгач, ташлаб юбориши керак эди, бироқ кўнгли бўлмади. Ўз суратлари орасига қўйди. Шу тарзда журнал қирқмаси қирқ еттинчи йилда Тошкентга келди. Уни йўқлаб келган дўстлари Адҳам Раҳматов билан Маъруф Ҳакимовлар Берлиндан келтирилган суратни томоша қила туриб бу қирқмага кўзлари тушди-ю, Мирзакалонни калтабинликда айблаб, танбеҳ бера кетдилар. Сўнг “ҳозироқ ёқиб ташланг”, деб маслаҳат бердилар. Мирзакалон “хўп”, деди-ю, маслаҳатга амал қилмади. Оқибат нима бўлди? Тинтув натижасида ГПУ ходимлари қўлига тушиб, асосий ашёвий далиллардан бири сифатида “Иш”га тикилди. Мана энди Вали Қаюмхон билан Абдулла Тўлаганга қандай яқинлиги борлигини исботлаб бериши керак. Ўзини Чўлпоннинг шогирди, деб ҳисоблагани ҳақиқат, бу улуғ зот билан кўп марта ҳамсуҳбат бўлгани ҳам тўғри, аммо Вали Қаюмхон билан бирон марта бўлсин учрашмай туриб, уни ўзига сарвар эканини қандай исбот қилиб беради?

Дарвоқе... Вали Қаюмхон масаласида олдинги терговчи янада чуқурлашмоқчи бўлган эди.
-Фарзандларингизни яхши тарбиялаган экансиз,-деганди папирос тутатганича унга кўз қадаб,-Фаррух ҳадемай мактабни битиради. Флора ҳам олтин медалга асосий даъвогар экан.

Мирзакалон болалардан сўз очишдан терговчининг мақсади нима эканини аниқ билмай, юраги бироз титраган ҳолда жавоб берди:
-Ҳа, болаларим илмга чанқоқ.
-Рус мактабига берган экансиз? Сабаби уйингизга яқинлигими ё бошқами?
-Ўзбек мактабларига нисбатан рус мактабларида яхшироқ билим беришади. Мактабнинг уйга яқин ёки узоқлиги иккинчи даражали масала, муҳими – пухта билим олиш.
-Шунақами?-терговчи истеҳзо билан кулимсиради.-Юсуф Тоҳирийга бошқачароқ гап айтгансиз шекилли? Эслайсизми?
-Эслайман, эллигинчи йил августида отам вафот этган эдилар. Ойнинг охирги кунларидан бирида Тоҳирий бизникига фотиҳа ўқигани кирди. Отамнинг вафоти ҳақида бир-икки юпанч сўзлари айтиб, кўнглимни кўтаргандан кейин ўз дардини гапира кетди: “Ўғлимни қайси мактабга берсам экан: рус мактабигами ё ўзбек мактабигами?”- деб иккиланди. Саволини яхши тушунсам ҳам, жавоб беришга қийналиб, елкамни қоқдим. У эса мендан жавоб кутмай ўзи ўртага қўйган саволни таҳлил қила бошлади: “Русча мактабда билимни яхши беришади-ю, тарбияга яхши эътибор берилмайди, Адҳам Юнуснинг ўғли Рустамга ўхшаб ахлоқи бузилиб, ҳархил ёмон сўзларни оғзига оладиган хулиган бўлиб чиқармикин, деб қўрқаман. Ўзбек мактабига берай, десам – у ерда таълим қурғур кучсизроқ. Жуда бошим қотиб қолди. Бир маслаҳат бериб юбормасангиз бўлмайди”.
-Қайдам,-дедим мен, нима маслаҳат беришни билмай. Кейин ўз билганимни айтдим:-Менинг болаларим ҳам рус мактабида ўқишади. Аммо оғизларидан бирон чакки гап чиққанини билмайман. Менингча, гап рус мактабида эмас, гап бола ўсаётган муҳитда, ота-онасининг тарбиясида, боланинг доирасида. Сиз қандай ушласангиз – болангиз шундай бўлади-да, демак, бир жиҳатдан, гап отада, отанинг қандай кўз-қулоқ бўлишида, отанинг тарбиясида экан.
-Тўғри айтгансиз... Сиз “гап отада” деганингизда миллатчилик руҳидаги тарбияни назарда тутгансиз, шундайми? Мен уйингизга бориб, Фаррух билан гаплашдим. Вали Қаюмхон ҳақида чиройли ҳикоялар айтиб берган экансиз.

Ғоят ҳотиржам айтилган бу гап Мирзакалонни сескантириб юборди – терговчининг мақсадини англади: у Фаррухни бекорга гапирмади! Уйга бориб, Фаррух билан гаплашганига ишониш қийин. Фаррухнинг Вали Қаюмхон ҳақида сўзлаши эса мутлақо ёлғон! Чунки у болаларига Вали Қаюмхон ҳақида мутлақо гапирмаган. Асосан рус тилидаги китобларни ўқувчи болалари бу ҳақда бирон ўзбекча китоб орқали билишлари ҳам мумкинмас. Терговчининг Фаррухни тилга олишидан қўрққулик, ғоят қўрққулик эди. Мирзакалон ўзинининг бошига ёғилаётган барча туҳмат тошларига чидайди, терговчи бўйнига қўяётган барча уйдирма айбларга иқрор бўлади. Лекин Фаррухига миллат фидойилари ҳақида ҳикоя айтганини бўйнига олса, фақат ўзи эмас, ўғли ҳам абгор бўлади. Ҳудди Абдулла Қодирийнинг, Ғози Юнуснинг яна ўнлаб фидойиларнинг фарзандларини қамоққа тиққанлари каби унинг ўғлини ҳам аямайдилар. Тепада “мўйлов” “фарзандлар оталари учун жавоб бермайдилар”, деб тургани билан пастдагилар аёвсиз равишда қамоққа тиқяптилар. Шуларни ўйлаб туриб, Мирзакалон терговчига дадил жавоб берди:
-Мен фарзандларимни ҳеч қачон миллат хоинларини ҳурматлаш руҳида тарбия қилмаганман. Улар асосий тарбияни фақат мендан ёки аясидан эмас, Пушкиндан, Толстойдан, Достоевскийдан олишган. Мен таржима қилган Горкийнинг “Бўрон қуши”ни ёд олишган. Уларнинг қалбига хоин Қаюмхон руҳи кириши мутлақо мумкинмас.

Мирзакалон гапини тугатмай, терговчининг оёғи ишга тушиб кетди. Тепа-тепа толгач, хансираганича:
-Афсуски, тилингни кесиб олишга ҳаққим йўқ, бўлганида эди, итларга ташлардим,-деди.

Кейингисига нисбатан аёвсизроқ бўлган бу терговчи Мирзакалоннинг бахтига кўринмай қолди. Ўзини “Александр Александрович” деб таништирган янги терговчи салафининг юқори идораларга “кўтарилиб” кетганини айтди. У юқорига кўтарилдими ё қора ер остига кириб йўқ бўлдими, Мирзакалон учун фарқсиз эди. Янги терговчи зоҳиран маданиятли, зиёли табиат бўлгани билан, ўзига керакли гапни эшитмаган пайтида Мирзакалоннинг жонини омбур билан бурагандан баттар жазо усулларини қўллашдан қайтмасди. Буниси ҳам Вали Қаюмхон масаласида салафининг талабларни такрорлади.

Турманинг бир кишлик камерасида ўтириб, терговчи томондан тунги йўқловни кутаётган Мирзакалон учун бу вазифани бажариш ниҳоятда оғир эди.

VIII

Тошкент, Дархондаги уч хонали уй.
1986 йил, 4 феврал, сешанба, соат 18.40.

Орқа миясида турган қаттиқ оғриқ Мирзакалонни хаёл уммонидан, ҳаёт соҳилига чиқарди. Қулоқлари остидаги замбаракларнинг гумбури ҳам тинди, турмадаги залворли эшикларнинг шарақлаши ҳам эшитилмай қолди. Ётган хонасидаги, нариги меҳмонхонадаги овозлар ҳам аниқ-тиниқ эшитилди. Кўзларини очиб, овоз эгаларини кўргиси келди, бироқ, мижжалари ўзига бўйсинмади. Киприклари салгина қимирлаб қўйганини ёнида ўтирган онаси сезди:
-Мирзакалон, ичингиз куяётган бўлса, бошингизни кўтарайми, чой ичиб оласизми?

Ичи куяётганини кампир қайдан билди?

“Кампир тушмагур сезгир”,-деб ўйлади Мирзакалон, лекин жавоб бера олмади. Жавобга уринган лаблари салгина қимирлади. Кампир пиёладаги сувга оппоқ пахтани ботириб, унинг лабларини ҳўллади. Мирзакалон Ўшдаги ҳовлилари олдидан оқиб ўтувчи сой соҳилига ётиб олиб, зилол ва муздек сувдан симиргандек бўлди. Танасига роҳат югургилади. Сувдан ичаверди... ичаверди...
-Мирзакалон, ошналарингиз келишган, кираверишсинми?

Бу савол уни Ўшдаги зилол сой бўйидан кўтариб, яна Дархондаги уйига, неча кундан бери ётган тўшагига қайтариб, михлади.

Кампир айтмаса ҳам билди келишганларини. Йўлчиевнинг жарангдор, баланд овозини, ҳуда-беҳудага қаҳ-қаҳ отиб кулаверишини бу тўшакдагина эмас, лаҳадда ётганида ҳам бемалол эшитса керак.

Киришди. Саломлашишди. Алик олмоқчи эди, тили ҳам, лаблари ҳам ўзига бўйсунмади. Бундай ҳолларда зиёратчилар ранжимайдилар, балки бир-бирларига маънодор қараб қўядилар.
-Мирзакалон билан Берлинни тоз-за гуллатганмиз-а!

Йўлчиевнинг гапи кулги садоси остида қолгани туфайли қолган сўзларини англай олмади.

Илёсовнинг овозини эшитмади. У одатдагича “ҳи-ҳи”лаб, бош ирғаб қўйган бўлса керак. Талвасали замонлар ўтиб кетган бўлса-да, ҳали ҳам қўрқиб яшайди бечора. Қўрқа-қўрқа яшаб, Сталин замонида неча пок чеҳраларга балчиқ чаплаганини ўйлармикин? Ўйла-ўйлай, Худодан уялармикин?..

Мирзакалон унинг қўрқувдан пирпираб турувчи кўзларига сўнгги марта қараб олишни истади. Оғир мижжалари истагининг амалга ошишига йўл бермади. Фақат киприклари амрга бўйсунишга бир ҳаракат қилиб қўйди. Киприкнинг ҳаракатини сезган дўстлари гапларини эшитиб, тушуниб ётганини англашди-да, кўнглини кўтарадиган гаплардан бир чимдим-бир чимдимдан сўзлай кетишди. Мирзакалонга Йўлчиевнинг Берлинни гуллатиб юрганлиги ҳақидаги гапи малол келди. Мирзакалон-ку, Ғалабадан кейин оиласини Берлинга кўчириб келиб бирга яшаган эди. Мелиевда урушдан кейин яйраб олиш истаги кучли бўлса-да, Мирзакалоннинг маслаҳатига кўниб, у ҳам оиласини олиб келганди. Оиласини олиб келишни истамаган Йўлчиев чиндан ҳам “гуллатган” эди Берлин ресторанларини... Мирзакалон қамоққа олинганда эса... кимдир унинг гестапочи ташлаб кетган хотин билан умргузаронлик қилгани ҳақидаги туҳматни ГПУга етказган эди. Ўша “кимдир” ўлим тўшагида ётган дўстлари билан хайрлашишга келган учовлоннинг бири. Мирзакалон уларни қамоқдан чиққан кезлариёқ кечириб юборган. Сўнгги видолашув онларида ҳижолат бўлишлари ортиқча.

Уч-тўрт йил аввал Шароф Рашидов вафот этганини эшитиб, кўнгли ғашланиб ўтирганда дўстларидан бири қўнғироқ қилиб, табриклади. Бу пасткашликдан Мирзакалоннинг этлари жимирлашиб кетди. Дўстига жавоб бермай, гўшакни жойига қўйган онда жияни кириб келди. Салом бериб, қўлидаги қоғозларни стол устига қўя туриб:
-Корректурани олиб келдим. Кўриб берсангиз бугун босмага тушириб юборамиз. Босмахона инсофга келиб турибди, журнални бир ҳафтада чиқариб бермоқчи,-деди.

“Ўзингдан кўр” деб номланган ахлоқий қиссанинг нашр этилишини ўзи интиқ кутаётган эди. Шунга қарамай, жиянининг гапи хуфтон кўнглини шодлантира олмади. Жияни унинг руҳсизлигини ҳам, бунинг сабабини ҳам сезди. Эзилган кўнгилга бир оз ёруғлик бериш мақсадида шахмат доналарини терди:
-Бир қўл ташлашга чоғингиз келадими?

Жияни шахматни ёмон ўйнамайди, лекин кейинга пайтда бекорга вақт кетказишни истамай, бу ўйиндан ўзини тортиб юрадиган бўлиб қолган. Ўзининг айтишича, фақат шу уйда ўйнайди, демак, унинг кўнглини кўтариш учун ўйнайди. Ўйиннинг ўрталарига қадар унинг қаршилигини синдириш қийин бўлади, кейин кутилмаганда “шох”и мот ҳолатига тушиб қолади. Демак, бу ҳам кўнгил учун... Ҳозир ҳам кўнгил учун дона теряпти... Бундан Мирзакалоннинг жаҳли чиқиб, доналарни суриб қўйди:
-Сенинг бу айёрлигинг менинг чўнтагимдан аллақачон тушиб қолган. Сен ҳам бошқаларга ўхшаб суюнчи олгани келдингми?-деди овозини бир парда кўтариб.

Жияни ажабланиб, елкасини қисди:
-Нимага суюнчи оламан? Кечаги гапингизга кўра, корректурани олиб келдим...

Мирзакалон жиянига бежиз таъна қилганини англаб, бош чайқади:
-Сен келмасингдан илгари биттаси телефон қилиб, Рашидовнинг ўлгани билан мени табриклади. Одамнинг разиллигини қарагин: бировнинг ўлими билан табриклашяпти-я?! Бу қанақа тубанлик?! Рашидов мени ёқтирмаган бўлса ёқтирмагандир. Ҳар бир тирик одам кимнидир яхши кўради, кимнидир хушламайди. Бировнинг жони узилса суюнадиганларни “Одам” деб атаймизми?-жияни ҳаммасига ўзи айбдордай бошини эгиб жим ўтираверди. У эса уф тортиб, сўнг давом этди:-Мен фақат бир нарсага хурсанд бўлишим мумкин – ҳеч кимга бўйин эгмадим. Виждонимга хилоф иш қилмадим! Юрагим мени алдамади. Дунёда ҳамма нарса ўткинчи, шундай экан, итга айланиб, хўжасининг оёғини яламаслик керак. Қийналган бўлсам, хорланган бўлсам, биргина Рашидов айбдор эмас. Атрофидаги ялоқхўрлари кўпроқ айбли...

Шундай деб стол устидаги корректура қоғозларини қўлига олди-да, назар ташлаган бўлиб, жиянига қайтарди:
-Буни бугун кўриб бера олмайман. Эртага ҳам балки кўролмасман. Топшириш зарур бўлса, ўзингнинг қараб чиққанинг етарли. Қўлёзмадаги қисқартиришларинг яхши бўлувди, бошқа ўзгартиришларинг бўлмаса, менинг кўришим шарт эмас. Сен эртага Рашидов билан қаерда, соат нечада видолашув маросими бошланишини билиб кел. Ҳасан аканг яна Майлисойга кетган, мени сен олиб борасан.
-Шу аҳволингизда бормоқчимисиз?-деб жияни уни бу фикрдан қайтармоқчи бўлди.
-Аҳволимга нима қилибди? Тўрт-беш қадам ҳам юролмайдиган нотавонга айланиб қолганманми? Қўрқма, опичиб олмайсан...

Жиянига шу кесатиқ кифоя эди. Эртасига келди. Видолашув ерига бордилар. Тумонот одам орасида уларни Йўлчиев кўриб қолиб, яқинлашди:
-Мирза, нима қилиб юрибсан бу ерда?-деди норози оҳангда.
-Мен одамийлик бурчимни бажаргани келдим. Ҳар ҳолда бирга ишлаганман, бирга туз тотганман. Орамизда яхши гап ҳам, ёмони ҳам ўтган. Ёмон гаплар қиёматга етиб бормасин, шу ерда видолашиб олай.

Йўлчиев одамлар орасидан олиб ўтиб, майит қўйилган тобут яқинигача бирга борди. Кейин уйгача бирга қайтди. Ичкари кирмай, остонада хайрлашаётганда:
-Юрагинг бунчалик кенглигини энди билибман. Унинг айбини кечириб юборган экансан-да, а?-деди.

Мирзакалон унинг кўзларига тикилиб қараб туриб:
-Мен ундан баттар айбларни ҳам кечириб юборганман. Мендан кейин бу дунёда қоладиганларда ҳеч қандай ҳаққим йўқ,-деди.

Ҳозир ҳазил-ҳузил қилб ўтирган дўстлари шу ризоликни эслашдимикин? Қаттол замон уларни бир-бирига ёв қилмоқчи бўлган эди. Юрак тор бўлганида дўстлар душман либосида қолаверарди. Жонлари қил устида турган кезлари тўрттагина ўзбек бирга яшаб, ҳамнафас бўлиб, кейин бир-бирининг юзига балчиқ чапласа-я! Дўстга хиёнат қилиш шунақа осонми?

IX

Қамоқхона. 1952 йил, 26 август.

Терговчи ҳеч бир кутилмаганда дўстларининг номини тилга олди:
-Йўлчиев, Мелиев, Илёсов... дўстларингми?
-Ҳа.
-Уларга ишонасанми?
-Ҳа...
-Улар сенга туҳмат қилишлари мумкинми?

Нима десин? Улар бу онда озодликдаларми ё шу турманинг бирон хонасида азоб чекиб ётибдиларми? Азобларга чидолмай унга қарши бирон нима дедиларми ё ҳимояси учун бирон воқеани тилга олдиларми? Уларга ишонади... туҳмат қилишларига эса... ким билади, орада шайтон бор...
-Мумкин эмас,-деди Мирзакалон ишонч билан.
-Сен бўлмаганингда эҳтимол Мелиев ҳам, Илёсов ҳам фронтга жўнатилиб, битта ўққа ем бўлиб кетарди. Сен уларни редакцияга чақиртириб олдинг. Илёсовнинг ўзи менга айтди, младший лейтенантлар мактабида ўқиётганида сенга хат ёзиб, ялинган экан. Сен нима учун уларни қанотингга олдинг? Улар ҳам ўзинг каби миллатчиларданми?
-Йўқ, уларда миллатчилик зарраси ҳам йўқ. Газетани яхшилаш учун уларнинг қалами керак эди. Совет жангчиларини руҳлантириш учун кучли қалам керак эди. Улар эътиқодли коммунист эдилар.
-Эътиқодли коммунист эканликлари менга ҳам маълум. Улар шу эътиқодларига содиқ бўлиб, сенинг ғайрикоммунист фаолиятинг ҳақида гапирдилар, инкор этмассан?
-Гапларини билмай туриб, бирон нима дейишим қийин.
-Масалан, энг оддийси: Илёсовнинг айтишича, Ғалабадан кейин сен эсэсчи, гестапочиларнинг хотинларини қанотингга олиб, маишат қилгансан? Оти эсингдан чиқмагандир? Моллимиди?
-Бекор гап!
-Сенга тушунолмай қолдим, Исмоилий? Ҳозиргина “дўстларимга ишонаман, улар менга туҳмат қилмайди”, дединг. Энди эса Илёсовнинг маълумотини тан олгинг келмайди. Илёсов туҳматчими?
-Туҳматчи эмас... лекин... янглишган бўлиши мумкин. Молли деган аёл билан танишлигим рост. Лекин у гестапочининг хотини бўлмаган, оддий немис ишчисининг қизи эди. Бир куни уни тасодифан хароб бир бостирмада яшаётганини кўриб қолдим. Ит боғлаб қўйсангиз, чидаб туролмайдиган жойда оч-наҳор яшаётган экан. Ўртада яширадиган сиримиз йўқ, уни оилам ҳам танир эди. Вақти-вақти билан келганда бир дастурхондан овқатланарди.
-Илёсовнинг айтишича, Берлиндан қайтар маҳалингизда Молли ҳомиладор экан.
-Илёсов шунақа дедими?-Мирзакалон алам билан жилмайди.-У ўзиники билан алмаштириб қўйгандир...

Терговчи ундан кўзлариини узмаган ҳолда дўстларнинг маълумотларини бирма-бир баён қилди-да:
-Биламан, сен бу гапларни инкор этасан. Лекин инкоринг ишонарли бўлиши керак. Инкорингни ўз қўлинг билан ёзиб бер, агар туҳмат қилишган бўлишса, жазоланишлари керак,-деди.

Мирзакалон турмадаги хонасига етгунича алам чўғларини ялангоёқ босиб борди. Ажал билан олишувда елкама елка турган дўстларнинг бу қилмишларига нима деб жавоб қайтаришни билмай гаранг эди “АҚД” масаласида хиёнат қилган Фозиловнинг қилмиши буларники олдида ҳолва бўлиб қолди. Унда Мирзакалон ёшлигига бориб, нодонлик қилиб Фозиловнинг қўлидаги сиртмоққа бошини ўзи тиқиб берган эди. Бу сафарчи? Бугунги дўстларининг туҳматлари катта жазога лойиқ гаплар эмас. Узоқ муддатга қамаладиган бўлса, ёки отишга ҳукм этилса, бошқаларнинг туҳматлари ҳам етиб ортади. Мирзакалон дўстларининг қилмишларидан қанчалик ғазабланмасин, уларнинг бу катта ғирромликка аралашиб қолишларини истамади. Эртами-индинми чиқадиган ҳукмга уларнинг ҳам ҳиссалари қўшилиб қолишини хоҳламай, раддия ёзишни маъқул кўрди.

У хонасига киргач, кўкрагида нимадир ёниб, юрагини куйдира бошлади. Назарида ҳозир қовурғалари ортида ғимирлаётган вулқон оташи кўкракни ёриб, портлаб кетадигандай эди. Бу ғазаб олови пасайишини кутиб, сўнг қўлга қалам олиш нияти вулқон олдида ожиз эди. Ўтирди. Қўлига қалам олди. Қоғозни яқинига сурди... Титроқ бармоқлар амрига бўйсунмади – бирон ҳарфни ҳам ёзолмади. Қаламни отиб юбориб, ўрнидан турди. Хона бўйлаб юрди. Ўтирди... Бу ҳол бир неча марта такорлангач, ҳовури сал пасайгандай бўлиб, ёзишни бошлади:

“Мен юрагимдаги миллатчилик, душманчилик кирларидан виждонимни батамом ва абадий тозалаш учун Ватан олдидаги барча жиноятларимни мутлақо соф кўнгиллик билан иқрор қилган ва қилаётган эканман, Мелиев билан Илёсовнинг гувоҳликлари тугал тўғри бўлганда, буларга ҳам тан бериб қўя қолардим. Мен ҳозир уларнинг сўзларида ҳақиқатга тўғри келмаган жойларни кўрсатиб ўтаман.

1946 йилнинг охирроғи ёки 1947 йилнинг бошларида ҳарбий хун ҳисобига босмахона мошиналари олиш учун Ўзбекистондан Маҳмуд Зуфаров билан “Қизил Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газетасининг бирлашган босмахоналари директори (фамилияси эсимда йўқ) вакил бўлиб келдилар. Булар келиб, Потсдамда меникига тушдилар ва қайтгунларича менинг меҳмоним бўлдилар. Биз (мен, Йўлчиев ва Мелиев) уларни етаклаб Совет администрациясига олиб бордик. Улар “Баъзи нарсалар оладиган бўлдик”, деб биздан айрилиб қолишди. Кечқурун уйга келиб, бир-иккита япалоқ босма машинаси билан бир нечта “американка” беришмоқчи бўлишганларини, кўзлаган умидларига етиша олмаганларини айтишди. Уларнинг бу гапи менинг нашриётчилик нафсимга тегди. Мелиев ҳам шу ерда эди. Мен вакилларга ҳақиқат гапни айтдим:
-Урушнинг тугаганига бир ярим йил бўлса-ю, машина оламиз, деб энди келасизларми? Шу вақтгача қаерда ётган эдингиз?! Мана энди, Америка олтинларни олиб кетаётганда сиз “барахло”ларни олиб кетинг! Босмахоналаримизда бунингсиз ҳам “американка”лар чанг босиб ётибди-ку!

Мен бу гапим билан Ўзбекистон босмахоналари раҳбарларининг парвосизлиги, “мева пиш – оғзимга туш”, қабилида оғиз очиб ўтирганларини ҳақли равишда танқидладим. Американинг Германия олтинларини олиб кетганлигини эса матбуотимиз саҳифаларида ҳамма ўқиган эди. Мелиев бу фактни бузиб: “Исмоилий: “Америка олтин олиб кетаётганда Совет Иттифоқи “барахло”ларни ташияпти”, деб айтди”, дебди. Мелиевнинг бу гапи ҳам, унинг кўп гаплари каби, ёлғонлгини яна бир карра таъкидлаб ўтаман. Бу менинг бошқа жиноятларим олдида фил ҳузуридаги пашша бўлса-да, ёлғонни – ёлғон, ростни – рост деб айтишни бурчим деб биламан.

1946 йилдамикин, ҳозир аниқ эсимда йўқ, СССР Олий Советига сайловлар тайёргарлиги қизиб кетган кунларнинг бирида, Потсдамдаги совет офицерлари уйида сайлов комиссиясининг сайлаш мажлиси бўлди. Биз Мелиев билан ёнма-ён ўтирдик. Редакциямизнинг ҳарбий мухбирларидан майор Поляков комиссия аъзоларидан бирининг номзодига қарши гапирди. Мелиев дарҳол:
-Иҳ, расво бўлди!-деди. Мен сабабини сўрадим. У тушунтирди:-Бизнинг сайлов системамизда кўрсатилган кандидатга қарши чиқиб бўлмайди, чунки рўйхат юқоридан тушади, пастдагилар эса фақат овоз беради, қарши гапиришга ҳақи бўлмайди.

Менга бу қизиқ туюлди:
-Бу аҳволда демократия қаерда қолди?-дедим, Мелиевнинг гапига ишонқирамай. Мелиев кулди-да:
-Эсингиз жойидами,-деди,-мана шунинг ўзи демократия! Ҳали кўрасиз, Поляковнинг адабини беришади.

Мен тийилмадим:
-Бу кимнинг демократияси, айтиб беролмайсизми?-дедим, уни масхара қилиб. У кулди, ҳазилми-чин қилиб туриб:
-Бизнинг демократиямиз!-деди.
-Сизнинг, яъни Мелиевнинг?
-Ҳа, бизнинг.
-Демак, сиз демократ?
-Демократ.

Ана шу суҳбатдан кейин Мелиевга “демократ” деб лақаб бердим. Бу суҳбатда мен совет сайлов системасидан кулган эдим, лекин Мелиевнинг кулгиси сабаби менга қоронғу. Эҳтимол, у менинг нодонлигимдан кулгандир?

Булардан ташқари Мелиев менинг тўғримда берган гувоҳликларида “Исмоилий партия мажлисида одам кўнглидагини гапира олмайди”, “Исмоилий Маршалл плани бўйича Туркияга берилаётган Америка ёрдамини маъқуллади”, дебди.

Партия мажлиси ҳақида, Туркияга ёрдам ҳақида Мелиев билан менинг орамда ҳечвақт гап бўлмаганини аниқ биламан. Бу масалаларда Мелиев бошқалардан эшитган ёки миясига келган фикрини менга тўнкаётгани мен учун ойдан-да, кундан-да равшан. Аммо мен бу билан ўзимни ундай фикрда эмас эдим, дейишдан жуда-жуда узоқдаман, чунки ҳар бир ўзбек миллатчиси каби, мен ҳам Туркияга сажда қилгувчилардан, Туркиянинг муваффақиятларини эшитганда ичига сиғмай қувонгувчилардан эдим-ки, Маршалл планини, албатта, кўнгилда ёқлар эдим. Мелиевда шундай туйғу мавжудлигига ишонмайман, демак, у билан бу ҳақда гаплашмоғимиз мантиқдан эмас.

Энди “партия мажлисида одам кўнглидаги гапни айтолмайди”, деган масалага келсак, бу ҳам Мажидий ҳақида ёзилган ҳикоя ҳам Мелиевнинг уйдирмаси. Орамизда бундай гап бўлган эмас. Партия мажлисида партияга қарши эмас, партия олдинга сурган тадбирларни амалга ошириш масаласи ва чоралари кўрилади. Партия мажлиси мен сингари миллатчиларнинг душманчилик, емирувчилик ҳаракатлари амалга ошириладиган жой эмаслигини яхши биламан. Мен Мелиевнинг уйдирмаларини рад қилиш билан ўзимни гуноҳлардан, ҳеч бўлмаганда тилга олинган гуноҳлардан пок эдим, деб даъво қилмоқчи эмасман. Зинҳор, мен бу фикрлардан жуда-жуда узоқдаман. Мен, туядек гуноҳларимни бўйинга олатуриб, пашшадек ингичкасидан воз кечиш ҳаракатида эмаслигимга ишонилишни илтимос қиламан. Мен бу нарсаларни ўзимни оқлаш учун эмас, ҳақ-адолат хотири учун рад этаётибман, халос.

Энди Илёсовнинг мени “антисовет киши эканлигини кўп вақтлардан бери билар эдим”, деган сўзига пича тўхтаб ўтмоқчиман. Бу гапи ёлғон, аниқроғи, мантиқсиз. Мен антисоветчи сифатида ўзимни ҳар жойда кўз-кўз қилмаганман. Давлатга қарши фикрларимни ҳаммага ҳам айтавермаганман. Илёсов табиатида қўрқоқлик бўлгани учун сиёсат ҳақида мутлақо гаплашмаганман. Назаримда, Илёсов энг яқин танишлари билан ҳам бу ҳақда гаплашмаган бўлса керак. Билганим шуки, бирон даврада сиёсатдан гап очилгудай бўлса, ўша заҳоти Илёсовнинг ё қорни оғриб қоларди, ё бошқа сабаб билан бу даврадан узоқлашарди. Агар у махсус идоралар билан ҳамкорлик қилса ҳам, ишончим комилки, етарли маълумотлар етказиб беролмаган бўларди. Хўп, дейлик, Илёсов менинг антисовет киши эканимни билган бўлса билгандир. Энди шу билишини мантиқан таҳлил қилиб кўрайлик-чи, қандай маъно келиб чиқаркин?

Биринчиси шуки, биз Оврупч шаҳри ёнида турганимизда, Новосибирск младший лейтенантлар мактабидан: “Сиёсий бўлим орқали мени чақириб олинг, мен сиз билан ишламоқчиман”, деб нега хат ёзди экан? Соф совет кишилари ёнига эмас, антисовет киши ёнига нечун толпинди экан? Имоним комилки, аслида ким эканимни билганида менга интилгандан кўра қиёмат жанггоҳини афзал кўрган бўларди. Мен газетада босилган шеърларининг баъзан ярмини, баъзан ярмидан ҳам кўпини, бадиий ва мафкуравий жиҳатдан паст топиб, ўзим бошқадан ёзиб чиққанимда нега эътироз этмади? Нега буларни кейинча Тошкентда ўз имзоси билан “Шонли саҳифалар” тўпламида бостириб чиқарди экан? Ниҳоят, менинг советларга қарши киши эканимни билатуриб, 1946 йилда ВКП(б) кандидатлигидан ҳақиқийга ўтаётганимда нега тавсиянома берди экан, партияга мендек ярамас ахлатни кўра-билатуриб нега олиб кирди экан? Бу саволларнинг жавоби битта: “Исмоилийни антисовет киши эканлигини кўп вақтлардан бери билар эдим”, деган гапи қўрқув натижасида тўқилган уйдирмадир.

Илёсов яна бир гувоҳлигида: “Исмоилийнинг пули кўп эди”, деб ўртага шубҳа соясини ташлайди, аммо айтган гапига ўзи ҳисоб бермайди. Демак, ҳисобни мен беришим керак. Мен, аввало, газетанинг масъул секретари бўлганим учун Илёсов ва Мелиевлардан бир неча юз марка ортиқ ойлик олардим. Бу – бир. Қолаверса, Илёсов ва Мелиев каби ҳар қаерларда санқиб юрмай, кўпроқ уйда бўлар эдим. Бу – икки. Ниҳоят, мен Илёсов ва Мелиев сингари ҳар кун бир-икки бутилкадан арақ бўшатмас эдим. Бу – уч! Йўлчиев, Мелиев, ҳатто Илёсовнинг ўзи ҳам тасдиқ этса керак, Потсдамда турганимизда бирон кун ўтмас эди-ки, Илёсов столига эрталаб икки-уч бутилка шнабс териб қўйиб, кечгача ичиб битирмасин!

Гапимнинг охирида шуни ҳам айтиб кетайин, хотиним Тошкентдан ўн минг сўм пул билан келди. Хотинимнинг опаси Муҳтарам янги уй солган экан, шунга турли парда, ҳар ҳил нарса олиб кел, деб синглисига, яъни менинг хотинимга ўн минг сўм пул бериб юборибди. Хотиним Потсдамга келганидан кейин ўша пулга харид қилди. У пулдан Мелиев хабардор бўлганидек (чунки хотин- бола-чақамизни Тошкентдан Мелиев олиб келган), Илёсовнинг хотини, хусусан Илёсовнинг ўзи ҳам хабардор бўлиши керак. Менда пулнинг нисбатан кўплиги, Илёсовда эса нисбатан озлиги сабаби шундай. Илёсов ўзининг гувоҳлик кўргазмасида “Мелиевни 1943 йилдан бери танийман”, деб ёлғон гапирганидек, “Берлинда, Абдулла Тўлаганнинг хотининикига менга билдирмай боришган, мен бехабарман”, дейиши билан ҳам ҳақиқий ҳолни тамом бузиб кўрсатган. Абдулла Тўлаганнинг хотини Рут билан алоқани баён қилишда Мелиев ҳам нотўғри гапларни ёзган. “Мен,-деб ёзибди Мелиев,- махсус бўлимнинг топшириғи билан Рутга икки-уч бор учрашдим. Мақсадим: Вали Қаюмхон билан Абул Завқий сурати босилган журнал қирқмасини олиш эди. Биз бу қирқмани мен, Исмоилий, Йўлчиев Рутникига борганимизда кўрган, лекин олмай, ташлаб келган эдик. Махсус бўлим: “Тезроқ олиб кел”, деб қистагани учун, Рутни кўришга, уникига боришга мажбур бўлдим”.

Эҳтимол, Рутникига боришга бошқа нарса мажбур қилгандир, буниси менга қоронғу. Менинг аниқ билганим шуки, биринчи борган кунимизоқ Абдулла Тўлаганнинг немис хотини бизга журнал қирқмасини ҳеч бир қаршиликсиз, гумонсиз берган ва биз уни олиб келиб уйда Рутни кутиб ўтирган Илёсовга кўрсатган эдик. Сўнг бу сурат менинг ёзув столим устида очиқ ҳолда бир неча кун ётган эди. Махсус бўлим ходимларининг бу сурат билан қизиқишганларини мен эслолмайман. Ҳақиқатда бўлган воқеани ёлғонга бўктириб баён қилишдан Мелиев билан Илёсовга қандай манфаат бор экан, ҳайронман!..

Болаларимиз ҳаркун: “Қачон уйга кетамиз? Қачон Тошкентга кетамиз?” деб қистар, уларни ҳар тарафдан бизга ёт бўлган чет эл ҳаёти, қандайдир юракни сиқучи кулранг табиати, умуман, ҳамма нарса, ҳамма нарсаси зериктирган эди. Болаларимиз, ҳамма бахтли болалар каби, ўз ватанларига пок дил, оқ кўнгил билан интилар, бахт қуёшининг ҳаётбахш нурларини биринчи марта эмган ўз инларига қуш бўлиб учишни истар эдилар. Болаларимизни интизор қилган ўша ёруғ кун келди. 1947 йил апрелининг охирида Потсдамдан машиналарга ўтириб, Одер Франкфуртига келдик ва у ердан, поездга тушиб, совет Иттифоқига, Брестга жўнадик.

Франкфурт вокзалидан чиқиб, Одер кўпригига яқинлашганимиз сари бизнинг нигоҳларимиз Германия тупроқларига михдек санчилиб борди. Мен Йўлчиев билан, Мелиев Илёсов билан, вагон деразаларига ёпишиб олиб, кечаги душман еридан кўз узолмай тикилиб борар эдик. Бир-биримизга ҳеч нима демас, тўғриси, сир бой бермас эдик. Илёсовнинг гувоҳлигига қараганда, болалар чақчақлашиб турганда мен хомуш бўлиб қолган эканман. Одер кўпригидан ўтаётганда эса юрагимда чўкиб ётган дард, енгил пўкакдек, юзага қалқиб чиқиб:
-Хайр, бахтимизни кулдирган иккинчи ватаним!-деб юборганмишман. Кейин бўшашиб “бу ерларда яйрашганларимиз бир туш бўлиб қолди энди. Энди тушда ҳам ҳам кўриш йўқ бу роҳатли ҳаётни. Дунёга бир келдиг-у, кетдик-да!” деганмишман.

Эсимда бор, Илёсов тилга олган вақтда поезд уруш вақтида бузилган омонат кўприкдан ўтаётганди. Поезд дарёга қулаши эҳтимоли борлиги учун қўрқиб кетганидан унинг ранги бўзарган, қайси биримиз гапирган бўлсак-да, эшитиб, эсида сақлаб қолиши мумкин эмасди. Агар бу воқеа Туркияда содир бўлганида эди, уни “иккинчи ватаним”, десам арзирди. Неча миллионлаб одамларнинг ёстиғини қуритган урушни бошлаган мамлакатни “иккинчи ватаним” дейдиган тилимни ўзимла кесиб ташлаган бўлардим...

Дўстларимнинг уйдирмаларига қарши мен бундан ўзгачароқ изоҳ бера олмайман...”

Турманинг бир кишилик сиқиқ хонасида хотиралар исканжасида ўтирган Мирзакалоннинг қўли толиб, қаламни қўйди. Нафис адабиёт намуналарини ёзиши керак бўлган бу қўл, бу қалам, ҳаёт ҳақиқатларини ўйлаб, мулоҳаза қилиши лозим бўлган бу онг қандайдир пасткаш юмушлар билан банд эди. Мирзакалоннинг юраги бу турма сиқиқлигидан эмас, шу тубан ишлар билан банд эканидан азоб чекарди. Баённи ёзиш олдидаги ғазаби бир оз босилгандай бўлиб, дўстларининг гувоҳликларини яна бир бор ақл кўзгусидан ўтказди. Айниқса Илёсовнинг гаплари уни сергаклантирди. “У нодон,-деб ўйлади,- менга қарши гувоҳлик бериб, ўзининг жонини сақлаб қолмоқчи бўлган. Агар терговчи сергаклик қилса, унинг гапларидан тескари маъно ҳам топиб, ўзини қамайди. Исмоилийнинг миллат душмани эканини узоқ вақт давомида билгани ҳолда индамай юриш жиноят эканини наҳот у нодон билмаса?” Бу саволга жавоб ўрнига унда нохуш гумон уйғонди: “Индамай юрганмикин ё узоқ вақт давомида керакли жойга гап ташиб, тирикчилик қилганмикин?” У гумонга асосланиб дўстини айблай олмас эди. Шу сабабли хаёлини чалғитишга уринди.

Дўстлар ҳақида фикр юрита туриб, терговчи икки-уч марта Жалоловнинг номини тилга олди. Тўғри, Жалолов яраланиб, уйига қайтгандан кейин хат орқали муомала қилиб турдилар. Лекин бу мактубларда сиёсатга тегишли бирон бир калима йўқ, бўлиши ҳам мумкин эмас эди. Тўғри, у Жалоловни урушдан олдин яхши билмаса-да, фронтда сирдош, дарддош дўст мақомига эришган, шу боис уйга қайтган кунлариёқ у билан топишган эди. Терговчи эслатган зиёратга ҳам у билан бирга борганди.

...Мирзакалон божасининг хасталигини эшитиб, байрам куни уни йўқлади. Божаси ҳузурида Жалоловдан ташқари яна бир киши бор эди. Божаси уни “дўстим Қорахўжаев”, деб таништирди. Мирзакалон яқинда Германиядан қайтгани учун у одам ҳорижнинг аҳволи билан қизиқди. Мирзакалон Германия ҳақида гапира туриб, савдо-сотиқда устаси фаранг ҳисобланган божасига қараб ҳазил қилди:
-Хўб, сиз боп жой экан-да... Сиз ўшандай жойда бўлсангиз, оз вақтда миллионер бўлиб кетардингиз. Сизга ўхшаб савдо ишларида суяги йўқларга макон бўладиган экан. Ҳар ким хоҳлаганини қилади: биров дўкон очиб сотса, биров корхона олиб, мол чиқаради.
-Ўшандай жойларда мазза қилиб юрдим денг?..-Жалоловнинг бу гапи замирида ҳасад бормиди ё огоҳлантиришми, Мирзакалон у дамда англай олмади. Фақат ҳазил тариқасида бошлаган гапи “капиталистик системани, хусусий савдони мақташ” либоси билан керакли ерга етиб боришини фаҳмлаб, мавзуни ўзгартирди. Кўнгли ўшанда алдамаган экан, орадан уч йил ўтса-да, у гап унутилмабди. Кимнинг хизмати эвазига шундай бўлган – унга қоронғу. “Бу вагон қулоқдан ишланган” деган, ўзбек жангчиларининг аянчли аҳволидан куйган одамнинг бундай тубанлик қилишига ишонгиси келмайди.

1947 йил, ўша кунларнинг нари-берисида Жалолов ишлайдиган идорага борган эди. Идора раҳбарлигини яқинда қабул қилиб олган Жалолов ўша куни нимадандир ғашланиб ўтирарди. Мирзакалонни кўриб дардини ёрди:
-Мендан олдинги одам ҳамма ишнинг расвосини чиқариб кетибди. Унинг пўстагини қоқай десам, юқоридагилар қўйишмайди. ЦКда унинг ҳимоячилари бор! Ҳаммаси бизни эшак қилиб минишади. Бир нарса десанг –“миллатчи!” деб миянгга бир мушт уришади – ерга кириб кетасан. Ҳақиқат йўқ, Исмоилий, ҳақиқат йўқ!-Жалолов, алами ортиб, тутақди. Чекиб турган папиросини зарда билан кулдонга эза туриб, сўзини тамомлади:- Менинг номим раҳбар эмиш! Битта фаррошни ҳам ЦКнинг санкциясисиз ишга ололмаганимдан кейин менинг қимматим нима бўлди?! Э-э, менга деса ўт тушиб кетмайдими!

Ўшанда бу аламни Исмоилийдан гап олиш учун айтмаган эди. Юрагини сиқиб турган дард туфайлигина гапирганди.

Мирзакалон “Қизил Ўзбекистон” раҳбари билан чиқиша олмай ишдан кетишни мақсад қилиб Жалолов билан маслаҳатлашди. Гарчи бу вазифа матбуот оламида юқори мартаба ҳисобланса-да, ижоддан узоқроқ бўлгани сабабли Мирзакалоннинг бу ишга кўнгли бўлмаган, аввал-бошдаёқ Марказкомнинг таклифини қабул қилишдан бўйин товлаб, “бу ишнинг оғирлигини, хўжалик ва маданиятнинг ҳамма тармоқларида маълум даражада билимга эга эмаслигини” баҳона қилган эди. Бу баҳонаси ўтмагач, партия лозим кўрган вазифадан бўйин товлашнинг ёмон оқибатга олиб келишини ўйлаб, кўнганди. Газета раҳбари билан чиқиша олмаслигига кўзи етгач, ишдан кетишга янги баҳона излади. Жўяли баҳона хаёлига келавермагач, эскисини сал бошқача услубда баён этди: “қишлоқ хўжалик ва саноатда қарийб ҳеч нарса билмаганлиги натижасида масъул котибликни кўнгилдагидек эплаб кетолмаслигига кўзи етганини” Жалоловга айтганида, у Мирзакалоннинг аҳдини маъқуллади:
-Тўғри қиласиз, бўйнидан боғланган ит овга ярамайди, деганларидек, сиз билан биз бунақа дастёрчиликка ярамаймиз. Ахир мана бу...- деди Жалолов, кўрсатгич бармоғи билан кўкрагига икки-уч уриб. Мирзакалон унинг нима демоқчи бўлганини дарҳол англади ва ҳам тасдиқ, ҳам савол оҳангида:
-Дил бошқаю тил бошқа?! -деди. Жалолов чарақлаб кетди ва кўнглидаги гапни ярим сўзидаёқ тушунгани учун, чўзиб таҳсин айтди:
-Ҳа-а баракалла!-Кейин маслаҳат бера бошлади:- Жанжал қилманг, яхшилик билан бўшаб олинг. Ишқилиб, буларнинг кўзига ёмон кўринишдан сақланинг. Ҳа! Бўлмаса, биласизми, еб ташлашади, ҳа, Исмоилий, кўзингизни очинг! “Мен фронтда у қилдим, бу қилдим!” дейсиз-да? Ҳе-е, икки чақа! Эшак лойдан ўтиб бўлган!

Шу мазмунда анча гаплашишгач, Жалолов марказком котиби билан гаплашиб, унинг ишдан бежанжал, осонгина бўшашига ёрдам беражагини айтди.

Улар кунда бўлмаса – кун ора, бунинг иложи топилмаса, ҳафтада икки марта учрашишарди. Жалолов уни кўрган заҳоти “Нима гап? Радиода нималарни эшитдингиз?” деб сўрарди. Мирзакалон қисқа тўлқиндаги Анқара радиосидан эшитганларини, Жалолов эса “Би-би-си”дан эшитганларини ўртоқлашарди. Мирзакалон Нуриддин Осим исмли бошловчи томонидан ўқиладиган “Ўтмишда бугун” деб номланган эшиттиришни доимий равишда тингларди. Бу радиоэшиттиришда ўтмишда бўлган тарихий воқеалардан баҳс этиларди. Бир куни Нуриддин Осим Амир Темурни “Самарқандда ўтган машҳур турк саркардаси”, деб гапирганда Мирзакалоннинг ғаши келди. Эртасига буни Жалоловга айта туриб: “Ўзбек” деган сўзни тилга ҳам олмади, даюснинг боласи! Ҳатто “Ўзбекистон шаҳарларидан бири Самарқандда ўтган” деса ҳам майлийди”, деб куйинди.
-Булар шунақа... Битта катта оғадан безиб, у томон қарасак, яна бошқа катта оға даъво қилиб турибди,-деди Жалолов афсус билан.

Уларнинг ҳар суҳбатлари шу каби янгиликлар баёни билан ўтарди. Айниқса Жалоловнинг қизиқиши кучли эди. “Нима гап? Қандай янги хабарлар эшитдингиз?” деган саволлардан чарчамасди. У Мирзакалондан янгиликларни шундай сўрардики, баъзида гўё жонини омбур билан суғуриб олаётгандек бўларди. Мирзакалон унинг бунчалик қизиқишларидан охири шубҳага туша бошлади ва бу шубҳасини яширмади:
-Жалолов, сиз, нима бало, Давлат ҳавфсизлиги министрлигининг одамимисиз? Мендан ҳадеб шунақа нарсаларни сўрайверасиз-а?-деди. Жалолов аввалига кулди, кейин хафа бўлган бир қиёфада гапирди:
-Топган гапингизни қаранг!-шундай деб олдидаги қоғозларни кавлаштира бошлаб, илова қилди:-Қўрқманг, сизнинг нархингиз менинг қўлимда эмас!

Мирзакалоннинг шубҳаси нафсониятига тегди шекилли, Жалолов энди ундан янгиликларни кам сўрайдиган бўлиб қолди. Мирзакалоннинг Германиядан олиб келган радиоприемниги бузилиб қолгач, янгиликларни ўзи айтадиган бўлди. Ана шундай кунларнинг бирида у Нью-Йоркда бир рус муаллимаси Совет элчихонасининг иккинчи қаватидан ўзини ташлаб қочганини, Совет Иттифоқига қайтмаганини, Германияда хизмат қилаётган совет офицери Лондонга қочиб келиб, “Би-би-си” радиоси орқали гапирганини айтиб берди. Бундай суҳбат фақат икковлари орасида бўларди. Жалоловнинг қадрдонлари иштирокидаги паловхўрликда сиёсатдан умуман гап очилмасди. Давра асосан аския билан қизирди. Расулжон Муҳаммадиев уста аскиябоз, Иброҳимжон Эргашев ундан қолишмас, Жалолов бу соҳада нўноқроқ бўлса-да, таталашиб турарди. Нўъмонжон Ғуломов билан Мирзакалон аскияни кулгилари билан қувватлаб ўтиришарди.

Самоворда ё уйда, паловга бирон қозон осилмас эдики, у ерда Жалолов билан Мирзакалон бирга бўлишмаса. Айниқса, Жалолов уйида ўзи ош дамлайдиган бўлса, дарҳол телефон билан: “Келинг, ўзим ёлғиз егим йўқ, бирон улфат бўлмаса ўтмайди”, деб чақирар, хотинининг эса паловни ёмон кўрганлигини айта туриб, ярим ҳазил, ярим эркалаш оҳангнида: “ўрус-да, ўруслигига боради, паловнинг қадрига етмайди хуш ёқмас!” деб қўярди.

Жалоловнинг уйидаги ана шундай паловхўрликдан сўнг икковлашиб Тельман номидаги боғни айлангани чиқдилар. Пиво сотилаётган жойни четлаб ўтолмай, томоқларини “ҳўллаб” олиш баҳонасида тўхтадилар. Ўша кунлари Берлин тақдири юзасидан келишмовчиликлар чиқиб тургани учун суҳбатлари шу мавзуга кўчди. Жалолов Америка-Англия тутган йўл ҳақида гапира туриб, уруш чиқиб кетиш эҳтимоли борлигини айтди. У табиатан сиёсий таҳлилни ёқтирарди. Бу сафар ҳам ташаббус унинг қўлида бўлди:
-Уруш чиқиб кетса ҳам ажабмас. Аммо биз ғафлатда қолмаслигимиз керак. Ҳозир уюшиш вақти-ю, лекин уюшиб бўлмайди...

Жалоловнинг бу гапи Мирзакалонга “АҚД”нинг биринчи мажлисини эслатиб, эти бир жимирлашди-ю, суҳбатдошини беиҳтиёр бу савол билан бўлди:
-Ростингизни айтинг, Жалолов, сиз МГБнинг одами эмасмисиз,а? Шу қадар қўрқмасдан очиқ гапирасиз-ки, гўё бу гапларингиз учун сизни биров жавобгарликка тортмайдигандек.

Жалолов бу сафар кулмади. Бўзарди. Қуюқ, туташиқ қошларини осилтириб, нафрат тўла ғазаб билан гапирди:
-Сиздан қўрқаманми? Бориб гапиринг, сўрасалар: “Бу туҳматчи!” деб бетингизга туфураман. Сиз ҳам худди шундай қилишингиз мумкин. Аммо гаплашишнинг йўлини билиш керак. Ҳозир ёнимизда яна бир киши бўлса, мен бу гапларни айтмас эдим. Нега? Бир кишининг гувоҳлиги ўрин ўтмайди. Икки киши гувоҳлик бериб турса-чи? Қочиб бўпсиз! Алоҳида гаплашиш мумкин. Лекин уюшдингизми, қамаласиз! Мана шунинг учун уюшиб бўлмайди, дейман. Лекин ҳар биримиз ўз ҳолимизча тайёр бўлиб туришимиз керак. Ҳаракат пайти келганда ивирсиб қолмайлик. Дарҳол ҳокимиятни қўлга олиб, ички ишлар министрлигига кучли одамларни қўйиш керак.

Жалоловнинг ишонч билан айтаётган гаплари таъсирида Мирзакалон бу вазифани унинг ўзига юклаб қўйди:
-Сиз ўзингиз борсиз-ку? Сиздан маъқули йўқ,-деди ҳозиргина ундан шубҳаланганини унутиб. Жалолов унинг бу гапига “ҳа” ҳам демади, “йўқ” ҳам демади. “Ўз кўнглича, ҳукумат раҳбарлигини мўлжаллаб юради шекилли, мен уни пастга уриб юборибман-ку?”-деб ўйлади Мирзакалон.

Пивахонадан чиқиб Пушкин ва Асака кўчалари бурчагида, майдонча олдида туриб, бошқа мавзуга ўтдилар. Жалолов энди ўзи хаёл қилган “келажак ўзбек миллий буржуа давлати”нинг хўжалик министрига айланган эди, гўё. У “Ўзбекистондан саксон йилдан бери ташиб кетилаётган” қоракўл терилари ҳақида гапира бошлади:
-Москва Ўзбекистондан ҳар йили икки юз мингга яқин қоракўл ташиб кетади. Ҳар бир терига Америкада битта автомобил берар экан. Агар териларни Ўзбекистон ўзи сотса, унингда аҳолисининг ҳар бири биттадан автомобиллик бўлиб қолар эди.

Мирзакалон хўжалик ишларига омил бўлмагани учун, бу ҳил ҳисоб-китоблар билан қизиқмас эди. Шунинг учун ўз манфаати кўзгуси билан қараб, бундай деди:
-Қирқ ёшга кириб, ҳали битта қоракўл ёқа кўрмабман-ку, сиз автомобилдан гапирасиз. Ҳаммаси Америкага кетади, денг?
-Бўлмаса, магазинларда босилиб ётмасмиди?-деди Жалолов афсус билан уф тортиб.

Бу сўздан кейин, хайрлашиб, уй-уйларига кетдилар. Мирзакалон Жалоловнинг гапларини йўл кўйи ўйлаб борди ва кўрпага кирганидан кейин ҳам, бу ёпишқоқ ўй чангалидан узоқ вақтгача уйқусини ажратиб ололмади. Уни икки ваҳима босар эди: бир ёқдан Жалоловни провокатор-иғвогар деб қўрқса, иккинчи ёқдан унинг ҳалиги гапларини “Совет давлатига қарши уюштирилган миллатчилар ташкилоти” номини олган “АҚД”нинг программа нутқига ўхшатиб, юраги орқага тортиб кетар эди. Ахир бир қур ташкилот тузиб таъзирини еган эди-да! Жалоловнинг даҳшат бўлиб туюлган у гапларини бир кеча эмас, бир неча кечалар ва кундузлар ўйлади. Натижада бирини танлаб олиш шарти билан олдига икки масала қўйди. Бири – Жалолов билан алоқани узиш-у, тинч яшаб қолиш, иккинчиси – Жалолов билан алоқани давом эттириб, советга қарши миллатчилик гапларини ва ҳаракатларини жонлантириш баробарида ўзларига ўхшаганларни бирлаштириб, ташкилот тузиш. Бир марта оғзи куйгани учун қатиқни ҳам пуфлаб ичадиган одам нима қиларди? Албатта биринчи йўлни танлайди-да.

Мирзакалон Жалоловдан узоқлашди-ю, аммо тинч яшаб юриш унга насиб этмади. Барибир қамоқ панжараси уни оиласи бағридан, ширин орузлардан ажратди. Терговчи Жалоловнинг номини тилга олиб тургани билан улар орасидаги суҳбатларнинг икир-чикирига тўхталмади. Уюшмоқлик муаммоларини ҳам тилга олмаганидан билди-ки, ўша пайтда Жалоловдан бекорга шубҳаланган экан. Советларга қарши янги ташкилот тузиш ҳақидаги гап, демак, бошқа оқава орқали етиб келган бу ерга. Бу оқаванинг бошида ким турган бўлиши мумкин? Бу саволга Мирзакалоннинг жавоб топиши қийин бўлмади. Қамалган кунларининг учинчи ҳафтасида аввал ташқарида, даҳлиз томонда, таҳмини бўйича, рўпарадаги темир эшикнинг шарақлаб очилганини сўнг ёпилганини эшитди. Кейин соқчининг “деворга қараб тур” деган қисқа буйруғини, сал ўтмай эса оғир-оғир қадам товушларини эшитди. Беш-ўн қадам юрилгач, таниш овозни эшитиб, сесканиб кетди:
-Охуновни ҳам ташкилотга киришга мажбур қилган экан, де!
-Гапирилмасин!-деб буюрди соқчи. Лекин у қулоқ солмади:
-Ўлдираман, деб қўрқитган!-деб бақирди таниш овоз.
-Гапирилмасин!

Соқчи шундай деб бақириб тепди шекилли, маҳбус ихранди.

Мирзакалон дўстларидан бири Абдуманнон Раҳимовни овозидан таниб, унга ачинди. Аммо кимга гапирганини, бу гапнинг маъноси нима эканини англамади. Буни орадан икки ой ўтиб, терговчининг сўзидан, сўнг юзлаштиришдан билди. Унгача Абдуманноннинг укаси Абдужавлоннинг ҳам қамалганини билмаган эди. Терговчи дастлабки сўроқда Охуновни нима учун қўрқитганини сўраганда Мирзакалон бундай гапдан хабари йўқлигини айтган эди. Бу савол бир неча марта такрорланганда ҳам туҳматни бўйнига олмагач, Абдужавлон билан юзлаштирилди.

Одатда киши бошқа одамга юзма-юз турган ҳолда туҳмат қилаётганида, агар виждони озгина сақланиб қолган бўлса ҳам, кўзларини олиб қочарди. Абдужавлон Мирзакалонни ҳайрон қолдириб, киприкларини ҳатто пирпиратмади ҳам.
-Исмоилий аввал акамни, кейин мени зўрлагани етмай, Охуновни ҳам “ташкилотга киринг”, деб мажбур қилган,-деди. Кейин тусини ўзгартирмаган ҳолда бу “воқеа”ни ҳикоя қилиб кетди:-Мен ҳовлимда у ер-бу ерни чопиб юриб эдим. Бир вақт Охунов келиб қолди. У аслида акамни излаб келган экан, тополмай, менинг олдимга кирибди. У ёқ-бу ёқдан гапиришиб туриб, Охунов менга: “Биласизми, Исмоилий жуда ёмон одам экан-ку!” деди. “Нега?” десам, “Мени бир антисовет ташкилотга таклиф қилди. Сизни ҳам таклиф қилган экан-ку?” деди. Мен қуруққина қилиб: “Ҳа”, дедим-да, гаплашмай ишимни қилавердим.

Акасининг қутқиси билан ўртага ташланган бу уйдирма ўз разиллиги билан Мирзакалонни қанчалик ҳайратга солган бўлса, теровчи учун ҳам ёлғонлиги ошкор бўлди шекилли:
-Нега бу хабарни ўша пайтда бизга маълум қилмадингиз? Қамалганингиздан кейинги дастлабки сўроқ пайтида ҳам индамадингиз?-деб сўради.
-Исмоилий бўйнига олар, иқрор бўлар, деб ўйлаган эдим,-деди Абдужавлон, уят кўчасининг нарёғида туриб.

Охуновнинг айтганларига Абдужавлоннинг парвосиз қарагани, “ҳа” деб қўя қолгани унинг феълини яхши билгани учун Мирзакалонга янада ғалати туюлиб, савол беришдан ўзини тўхтата олмади.
-Охуновнинг кўзига “ҳа” деб қўя қолганингиз сира характерингизга мос келмайди-ку? Бундай пайтларда индамай кетавермасангиз керак эди, а?
-Жим бўлинг! Савол беришга ҳаққингиз йўқ!-деб бақирди терговчи Мирзакалонга ўқрайиб қараб.

Жалоловнинг икки йил олдин айтган гапи ҳақиқат сифатида шу қамоқхонада ўз исботини топди: “бир кишининг гувоҳлиги ўрин ўтмайди. Икки киши гувоҳлик бериб турса-чи? Қочиб бўпсиз!” Икки кишининг гувоҳлиги етарли, деб ўйладими, ҳар ҳолда терговчи Раҳимовлар ҳақида камроқ сўради. Мирзакалон бундан ҳавотирлана бошлади. Очиғи, янги туҳматлар, уйдирмалар оқавасининг очилиб кетилишидан қўрқди. Бугун терговчи Берлиндаги дўстлар уйдирмалари ҳақидаги янгиликни ошкор қилгач, уларга тегишли гапларини баён қилиб бўлганидан кейин, гарчи терговчи талаб қилмаган бўлса-да, Раҳимов ҳақида билганларини ёзишга киришди:

“Мен, армиядан бўшаб келгач, Абдуманнон Раҳимовнинг адабий танқидчи бўлиб етишганини эшитган ва адабиётимиз тараққиёти учун энг зарур бўлган танқидчилик соҳамизнинг бир иқтидорли кишига ортгани сабабли чинакам қувонган эдим. Мен “Шарқ юлдузи” юлдузида масъул секретар бўлиб ишлаб юрган кезларим, Ойбек Ёзувчилар союзи раислигидан бўшаб, унинг ўрнига Шароф Рашидов сайланган куни Абдуманнон икковимиз Ўзнашр томонга қараб юрдик. Мен Шароф Рашидов билан алоқамиз яхши эмаслигини, у билан бирга ишламай, газетадан кетиб қолганимни айтдим. Шунда Абдуманнон ўйланиб туриб:
-Ундай бўлса журналдан тезда бўшаб олинг, бу одамнинг феъли ёмон сизни тинч қўймайди – еб ташлайди,-деди. Мен ҳам шу фикрда эканимни билдирдим.

1949 йилнинг эрта баҳорида бўлса керак, Ўзбекистон совет ёзувчилари клубининг айвонида, иккинчи қаватда Асқад Мухторов “1948 йилда ўзбек поэзияси” деган мавзуда доклад қилди. Бу мажлисда аксар ёзувчилар қаторида мен, Абдуманнон Раҳимов ҳам бор эдик. Мажлисда докладчи Раҳимовни формализмда пича айблаб ўтди. “Мирмухсиннинг “Уста Ғиёс” поэмасидаги энг яхши жойларни ёмонлаб, танқид қилган”, деди. Раҳимовнинг ғазаби қайнаши учун шу бир-икки танқиднинг ўзи кифоя эди. Мажлисдан сўнг пастга, кўчага тушганимизда у мен билан Маъруф Ҳакимовни Пушкин мусофирхонасининг буфетига кириб пиво ичишга таклиф қилди. Рози бўлдик. Кирдик. Бироқ, пиво йўқ экан. Оч қоринга ароқ ичдик. Союздаги ишлар ҳақида, ўша кунги доклад ва танқид ҳақида гаплашиб ўтириб, 200-300 граммдан ароқ ичиб қўйдик. Раҳимов ҳисоб-китобни қилди, туриб кетдик. Яшиннинг уйигача бирга бордик. Яшин ва Ҳалимахоним қаёққадир кетганлари учун, Маъруф Ҳакимов вақтинчалик Яшиннинг уйида турган экан. Дарвозаси рўпарасига келганимизда ўзбекчилик қилиб, уйга таклиф этди, биз ҳам “йўқ” демасдан кирдик. Мен кайф устида кирганимни ва у ерда Маъруф Ҳакимовга (пулини мен бердим шекилли) ярим литр ароқ олдириб ичганимизни, мастликда алланималар ҳақида гаплашганимизни эс-эс биламан. Абдуманнон ўзининг бир аёл мижози билан телефонда гаплашди чоғи. Кейин хайр-маъзурлашиб чиқиб кетдик. Уйларимиз бир томонда бўлгани учун Раҳимов билан бирга кетдик. Аммо пиёда кетдикми ё трамвайдами – аниқ эслолмайман. Шунисини эс-эс, аранг хотирлайманки, Абдуманнон икковимиз Пушкин ва Ниёзбек кўчаларининг бурчагида, Лагерлар бошқармасининг қаршисида, ҳозирги троллейбуслар айланасида туриб узоқ гаплашдик. Бу “узоқ вақт” деганим ҳақиқатда узоқ вақтмиди, узоқ вақт бўлса – минутлар ё соатлар давом этдими ёинки қаттиқ маст бўлиб эс-ҳушимни йўқотиб қўйганим учун менга шундай узоқ вақт бўлиб туюлдими? Мен бу саволларнинг ҳеч бирига жавоб бера олмайман. Шунингдек, Раҳимов билан менинг ўртамда қандай гап ўтганини ҳам аниқ билмайман. Ҳар ҳолда биз миллатчилик руҳида, советларга қарши руҳда гаплашган бўлишимиз ҳам мумкин, деб тахмин қиламан. Аммо бу гапларнинг нималардан иборат бўлганлигини асло билмайман. Шуни яхши ва аниқ биламанки, ўртамизда Раҳимов уйдирган гап бўлган бўлиши мумкин эмас! Раҳимов берган гувоҳликда айтилишича, мен гўё унга Тошкентда советларга қарши яширин ташкилот борлигини, унда жуда катта одамлар аъзо эканлигини сўзлаб, уни шу ташкилотга аъзо бўлиб киришга чақирган ва кирса моддий жиҳатдан ёрдам беришга ваъда қилган эмишман. Раҳимов бу уйдирмасига одамларни ишонтириш ва унга детектив характер бериш учун: “Агар ташкилотга кирмасангиз, ўртамизда ўтган гапни бировга айтсангиз – бола-чақангиз билан қириб ташлаймиз!” деб қўрқитди”, дейди. Кейин у, ўз тулкилигига ҳеч шубҳа туғдирмаслик учун, ака-укаларнинг “уйдирма ошхонаси”да пиширилган “бўтқа”га мана бу “гарнир”ни қўшиб тутади:

-Икки марта чақириб: “Оғзингиздан чиқарманг, бировга айтманг”, деб тайинлади,-дейди. Раҳимовнинг кимлигини билмаган киши унинг бу уйдирмасига учмай тура оладими? Албатта йўқ! Раҳимов бир адабий мақоласида ёзувчининг ростгўйлиги масаласига тўхтаб, Горькийдан қуйидаги мисолни келтириб:
-Горький ёзувчининг ҳамма ёзганлари ҳақиқат бўлавермайди, ичида ёлғонлари ҳам бўлади, аммо бу ёлғонни шундай қотириб бериш керак-ки, ростдан ажратиб бўлмасин, деган мазмунда таълим берган,-дейди. Бу шуни кўрсатади-ки, Раҳимов нонга сув сепиб сотишнигина, қалбаки ҳужжатлар тайёрлашнигина билиб қолмай, ёлғонни ростдек қилиб кўрсатишни, уни зарур бўёқлар билан рост ўрнида ўтказишни ҳам билар, бу қабиҳ касбни яна амалда қўллар экан! Раҳимов дастлабки гувоҳлигида “Юсуф Тоҳирий шу ташкилотнинг аъзоларидан бири”, деб айтган бўлса, кейингисида Юсуф Тоҳирийни шу ташкилотнинг раҳбари, депти. Балки, аввалги ёлғони эсидан чиқиб қолгандир?

Таъкид этишим шартки, Юсуф Тоҳирий билан неча йилдан бери таниш бўлсам, ундан сиёсатга доир бирон гап, бирон норозилик эшитмаганман. Агар Раҳимов тўқиган сиёсий ташкилот ҳақиқатда ҳам бўлганда, Тоҳирийнинг унга раҳбарлик у ёқда турсин, аъзо бўлиб кириши ҳам даргумон эди. Хўш, унда Раҳимов нима учун уйдирмасини тўқишда Тоҳирийни эслаб қолди?

Менда меҳмондўстлик одати кучли. Балки ўша лаънати кечаси Раҳимовни мастликда уйимга судраган бўлсам, у уйимнинг қаерда эканини сўраган бўлса, мен айтиб, “Юсуф Тоҳирий билан ҳаммаҳалламан”, дегандирман ва одатим бўйича уни мақтаб кетгандирман. Мен Юсуф Тоҳирийни рус тилини бир рус боласидан ҳам яхшироқ билгани, донг қоларли ихчам, чиройли қилиб, фасоҳат билан ифода этиш маҳоратига эга бўлгани, илми етуклиги учун ҳар ерда, ҳар кимга мақтар ва шундай имконият туғилса, фойдаланмай қўймас эдим. Жуда яқин эҳтимолки, ўша кечаси ҳам одатимга содиқ қолиб, Раҳимовга мақтаган бўлсам. Аммо бирон ташкилот борлигини билмай, Юсуф Тоҳирийнинг бирон ташкилотга аъзоми-йўқлигини билмай туриб, унинг ҳақида Раҳимовга айтган гапларни айтишим ҳеч ақлга сиғмайдиган гап. Агар Раҳимов билан миллатчилик ҳақида очиқ гапиришган бўлсам, миллатчилик руҳида, антисовет руҳида мен билан бирон марта суҳбат қилишмаган кишининг, яъни Юсуф Тоҳирийнинг номини эмас, ашаддий миллатчилар Вали Қаюмхонними ё Абдулла Тўлаганними ё Булоқбошиними тилга олиб ўтган бўлардим. Агар Раҳимов билан у қилган туҳмат мазмунида гаплашган бўлсам, унинг дудмал жавобидан кейин қамалиш хавфидан қўрқиб, лоақал уйимни таъқиқ этилган китоблардан ва фотосуратлардан тозалаб қўяр эдим. Агар орамизда чиндан шу гап бўлган бўлса, кейин ҳушёр пайтларимизда ё мен, ё Раҳимов томонидан у масаланинг яна бир карра қўзғалиши аниқ эди. Ҳолбуки, ўша шум учрашувдан кейин Раҳимов билан ҳушёр ҳолда уй томонга бирга қайтдик. У ўша келишимизда ўзининг космополитизмда айбланаётгани ҳақида гапирди-ку?

-Халқимизнинг қанча ажойиб фарзандлари йўқ қилиб юборилди-ю! Бу космополитизмга қарши кураш ҳам ўшандай мақсадга қилинадиган найранглардан биттаси. Қўяверинг, дарё бўлинг: “Карвон ўтар, ит ҳурар”, дейдилар!- деган Раҳимов: “ўша кунги гапингиз чин гапмиди ё мастлик алжирашими?” деб бир оғиз сўрамади-ку?

Раҳимовнинг ўзига хос пасткашлик билан айтган сўзига қараганда, икковимиз орамизда Пушкин ва Ниёзбек кўчалари бурчагида ўтган шум гапдан кейин гўё унинг қўйнига қўл солиб кўриш учун Юсуф Тоҳирийни уйига юборган эмишман. Бу бориб турган олчоқликдан иборат бир ёлғон! Умид қиламанки, бу ёлғон ҳам Раҳимовнинг бошқа уйдирмалари каби, яқинда аён бўлиб қолажак! Ҳақиқатда эса воқеа бундай:

1949 йилнинг ёз ойида бўлса керак, Ўзбекистон совет ёзувчилари союзининг ҳовлисида Абдуманнон Раҳимов Абдулла Қаҳҳорнинг “Қўшчинор” романи ҳақида доклад қилди. Докладнинг охиригача ўтиролмай, бош оғриб уйга кетаётган эдим, Пушкин ва Гоголь кўчалари бурчагига етганимда кўчанинг у бетида, рассомлар союзининг биноси олдида Юсуф Тоҳирийнинг пилдираб келаётганини кўриб қолдим. У ҳам мени кўриб, узоқдан “Ҳа, местком!” деб қичқирди. Ўттизинчи йилларда ўзбек “рабфак”и – ишчилар факультетида касаба союз раиси бўлганим учун, у мени ҳамиша “местком” деб атар эди. Кўчадан ўтди. Гоголь хайкалининг ёнида туриб гаплашдим.
-Мунча шошиб қаёққа кетяпсиз?-деб сўрадим. У нафасини зўрға-зўрға олиб, жавоб берди:
-Абдуманнон Раҳимовнинг олдига.
-Унда ишингиз бормиди?
-Абдулла Қаҳҳорнинг “Қўшчинор”идаги образлар психологияси ҳақида диссертация ёзмоқчиман.

Ўшанда “диссертация” дедими ё “мақола”ми, аниқ эсимда йўқ, нима бўлганида ҳам унинг бу нияти менга ёқмади. Чунки романнинг катта камчиликлари бор эди.
-Буни бекор танлабсиз, Юсуф ака,-дедим. Юсуф Тоҳирий ҳайрон бўлиб қолди:
-Нега?
-Асар ҳозир қаттиқ танқид қилиняпти. “Партия раҳбарлиги бузиб кўрсатилган, сиёсий жиҳатдан тутуруқсиз китоб”, деб дўмбира қилишаяпти. Шунинг учун буни қўйиб, ёшларнинг асаридан олсангиз меҳнатингиз зое кетмасмиди, дейман.

Юсуф Тоҳирий бу гапимга “хўп” ҳам демади, “йўқ” ҳам демади. “Қайдам?” дегандай елкаларини учирди, қўл берди, хайрлашиб кетдик: у сквер томонга, мен уйимга. Шу учрашувимизда мен Юсуф Тоҳирийга Раҳимовнинг уйига “борманг” ҳам деганим йўқ, “боринг” ҳам деганим йўқ. Мен унга “танлаган китобингиз бопта эмас, бу масала билан борманг, янги материал олинг”, деган мазмунда гапирганман. Абдулла Қаҳҳор “Қўшчинор”ининг ўша пайтдаги варианти партия раҳбарлигини, совет воқелигини, колхоз ҳаётини бузиб кўрсатгани учун болшевик матбуоти ва совет жамоатчилиги томонидан зарарли деб топилган эди. Юсуф Тоҳирий зарарли деб топилган китобни афзал билиб, зарарли образлар психологияси ҳақида асар ёзмоқ учун барибир Раҳимовнинг уйига борибдики, мен буни юзма-юз учраштирилганимизда Раҳимовнинг оғзидан эшитдим.

Энди Саид Аҳмад (Саидаҳмад Ҳусанхўжаев) ва Шуҳрат (Алимов)ларнинг сиёсий ташкилотга аъзолиги, менинг миллатчилик маслагимга муносабатлари ҳақида келсак, қуйидагиларни маълум қиламан:

Уларнинг советларга қарши сиёсий ташкилотга аъзо бўлишлари мутлақо мумкин эмас эди, чунки бундай ташкилотнинг ўзи йўқ эди. Ўзи йўқ ташкилотга аъзо бўлишни орзу қилишнинг ўзиёқ нодонлик бўлур эди. Улар менга маслакдош ҳам эмасдилар. Уларга нисбатан ёшим каттароқ бўлгани сабабли айтишга арзигулик улфатчилик ҳам қилмаганман. Тўғри, Саид Аҳмад билан “Шарқ юлдузи” журналида бирга ишлаганман, лекин у проза бўлимининг бошлиғи, мен эсам масъул секретар эдим, ўзаро хизмат муомаласи ҳам шунга қараб эди. Саид Аҳмад ўзининг иш даврида районлардан келган ҳикоя ёки очеркни ишлаб бермаган. Мен иш талаб қилсам, турли баҳоналар билан оқланар, “Шароф ака бир зарур иш топшириб қолдилар”, “Шароф аканинг повестини таҳрир қиляпман”, “Шароф ака мени командировкага юборяпти...” деяр эди. Шунга кўра, аниқ айтишим мумкинки, журналда босилган, сиёсий хатога йўл қўйилган очеркларда Саид Аҳмаднинг иштироки, демак, айби ҳам йўқ. Журналда босилган рус ёзувчиси Снеговнинг Аҳророва таржимасидаги “Мана шунинг ўзи социализм” очеркида автор бу ерда мозорлар, жаҳолатлар билан тўлиқ, қоронғи хасис ўтмиш билан қуёш нурларига чўмган, ёруғ, бинолари оқ, гўзал, ҳаётбахш социализмни таққос этмоқчи бўлади. У “Социализм” колхозини қидириб бориб, узоқ ўтмишга, ҳозирги авлод батамом қутилган жаҳолатга қайрилиб қарайди-да, унинг аянчлигини, қабиҳлигини қоронғу гумбазлар ичида ачиб, сасиб ётганини кўриб, нафаси бўғилади. Тезроқ ёруққа, ҳавога интилади ва ташқарига чиқиб, ёруғ дунёни, социализмнинг оқариб турган биноларини кўради. Ҳамроҳи: “Мана шунинг ўзи “Социализм”, дейди ҳалиги оқ биноларни кўрсатиб. Жамоатчилик буни қаттиқ танқид қилди. “Социализм”га мозорлар орқали борилганини кўрсатади бу очерк”, дейилди. Авторнинг асл мақсади бундай бўлмаса-да, истанилганда шундай тушуниш ҳам мумкин эди. Мен бу томонни ўйламай, автор талқин қилганча тушунганман-да, таржимани Саид Аҳмаднинг ўрнига ўзим таҳрир қилиб, нашрга топширганман.

Ориф Юнуснинг номи эсимдан чиққан бир очеркида “Москвалик инженер қилолмаган бир детални ўзбек мастер бир ҳафта уннаб эплаб юборди”, деган фикрни англатувчи абзац ҳам, Мажид Файзийнинг очеркида ҳам: “Кетмон билан олти кунда чопиладиган участкани трактор бир кунда ўмориб ташлади” деган жумла ҳам менинг айбим билан ўтиб кетган. Ҳар ҳолда буни мен ишдаги хатом деб биламан. Мен ҳақиқат, адолат рўйи-хотири учун баланд овоз билан айта оламанки, ҳар қанча миллатчи бўлсам-да, қаламимдан ўтган бирон сатр у ёқда турсин, ҳатто бир сўзни ҳам бу вақтгача тушуниб туриб, жўрттага бузган эмасман. Менга ишониб топширилган қаламга муқаддас деб қараб келганман ва уни жинояткорона сўзлар билан асти-асти булғамаганман. Бу менинг чин гапим.

Ана шу даврда Шуҳрат “Шарқ юлдузи”га бир колхоз раиси ҳақида очерк олиб келди. Мен ўқиб чиқиб, бу аҳволда беролмаслигимизни айтдим. Конфликт қилиб гўнг масаласи олинибди. Колхоз раисининг укасиникида бир том бор экан, у эски гўнгхонага қурилган экан. Колхоз раиси шу томни бузиб, гўнгни экинга олишни хоҳлайди, укаси эса бермайди. Мен гўнг жанжали олиб ташланса, босишимиз мумкинлигини айтдим. Чунки матбуот саҳифасига гўнг можароси билан чиқиш кулгили бўлар эди. Шундан сўнг Шуҳрат мендан қаттиқ хафа бўлди ва кўришга кўзи бўлмай қолди. Мен Шуҳратнинг “гапга тўн кийгизиш” одати борлигини эшитган бўлсам ҳам унинг советга қарши ҳаракатлари, миллатчилиги ҳақида ҳеч нима билмаганман...”

Турманинг биқиқ хонасида қоғозга тушган бу сатрлар Мирзакалоннинг ўз бўйнига ташланадиган айб сиртмоғи эди. У буни биларди. “Ўлсам ўзим ўлай, қамалсам ўзим қамалай”, деб бу сиртмоқни пишиқроқ бўлишига ҳаракат қиларди. “Бу сафар ёзганларимдан терговчининг кўнгли тўлар”, деб ўйлаб яна янглишганди. Терговчи “Иш”га доир янгилик, айниқса янги номни учратмагач, қоғозларни ғижимлаб ташлагиси келди. Қоғозда айб йўқлигига ақли етиб, айбдорнинг юзига тарсаки туширди.
-Ойбек ёзувчилар союзига раислик қилганда сен қаерда эдинг?
-Мен... консультант бўлиб ишлардим.
-Ҳа, ишлагансан. Демак, Ойбекнинг кимлигини, асл башарасини биласан. Хўш, буларни нима учун ёзмадинг? Мильчаков, Назаров, Фатхуллин, Уйғун, Собировалар Ойбекнинг союздаги миллатчилик тендецияларига ва унинг союзни тушкунликка олиб бораётган нотўғри раҳбарлигига қарши кескин кураш бошлаганда сен қай томонда эдинг?

-Мен... Ойбек томонда эдим...
-Ҳа-а... тан олганинг яхши. Буни биз ҳам яхши биламиз. Сен партия ташкилотининг соғлом қисми томонда бўлмагансан. Ойбек бирон ерга узоқ муддатга кетадиган бўлса ўз ўрнига кимни қўйиб кетарди? Билмайсанми? Ўз ўрнига президиум составидаги коммунист аъзолардан Шевердин, Уйғун ёки Яшинни эмас, ўзи сингари партия йўлини менсимайдиган партиясиз Шайхзодани қўйиб кетмасмиди?
-Бир марта шундай бўлган эди шекилли, лекин мен бунинг сабабини билмайман.
-Бир марта дейсанми? Майли, сен айтганча бўлақолсин. Ўша бир мартада Шайхзода раислик вазифасида қўққайиб олиб, партия ташкилотининг қарорига тескари ҳаракатлар қилганини ҳам билмайсанми?
-Ростданам билмайман, мен энг кичкина вазифада ишлардим.
-Сен балони биласан! Партия ташкилоти Сафаровни литфонд директорлигига тавсия қилиб, уни Москвага расмийлаштиришга жўнатса, Шайхзода Москвага телеграмма юбориб, бу номзодга союз президиуми номидан “вето” қўйгани ҳам сенга маълум эмасми?

Ойбекнинг бошидан мағзава қуйишлари унга маълум эди. Союздаги ишларга райком ва Марказком аралашгач, бу идорани соғломлаштириш тадбирлари бошланди. Даставвал Ёзувчилар союзи партия ташкилотига қайтадан сайлов ўтказиб, унинг бюросини янги, соғлом кишилар билан кўпайтиришга қарор қилинди. Сайлов кунлари яқинлашиб келмоқда экан, Союз коммунистлари енг ичида иккига бўлина бордилар. Бир томонда ҳозир терговчи тилга олган Мильчаковлардан иборат “соғлом кучлар” бўлса, иккинчи томонда Ойбек тарафдорлари тўпланишган эди. Мирзакалон шулар қаторида эди. Бир куни Жуманиёз Шарипов шошилиб келиб, унга паст овозда деди:
-Ойбек домлани ерга киргизиб юбормоқчилар, асло йўл қўймаслик керак бунга. Шунинг учун Фатхуллин, Милчаков, Уйғун, Сафаровларга зинҳор овоз бериб бўлмайди. Бюрога ўз кишиларимизни кўрсатиб, ўшаларга овоз беришимиз шарт!

Сайловга бир кун қолганда у яна келиб ташвишли овозда деди:
-Булар Сафаровга телеграмма юбориб, сайлов кунига етиб кел, деб чақирдилар Ҳозир ҳар бир овоз учун кураш кетяпти. Мен ҳам колхозга – Абдулла Қаҳҳорга телеграмма юбордим. Келиб қолса, биз ҳам бир овоз ютамиз.
-У овоз беролмайди-ку? Партияга ҳақиқий аъзо эмас, кандидат-ку?-деб ажабланди Мирзакалон.
-Ўзи-ку овоз беролмайди, лекин хотини овоз беради, келса, ўзим гаплашман.

Ойбек ва унинг раҳбарлиги учун кураш кетаётган бўлса-да, Ойбекнинг ўзи бу курашга аралашмаётган эди. Бу курашни унинг тарафдорлари олиб борардилар.

Ўша куни хуноби ошган Жуманиёз Шарипов:
-Адабиёт пайровида ивирсиб юрган, адабиётга ҳеч қандай алоқаси бўлмаган саводсиз Милчаковларнинг думлари адабиётнинг ҳозирги устуни бўлган гигант Ойбекни кўтариб ташлаб, ўзбек адабиёти тақдирини ўзлари ҳал қилмоқчи бўладилар. Ойбек қаерда-ю, бу разиллар қаерда?! Ойбекни Москвагина эмас, чет эл ҳам танийди! Булар эса шундай буюк инсонни мажлисларда ахлатга булаб, оёқ ости қилиб ташлаяпти!-деди бўғилиб. Мирзакалон унинг бу гапларига тамоман қўшилган эди. Партия мажлиси бошланиб, бюро аъзолигига номзодлар кўрсатиш масаласига энди ўтилмоқчи бўлиб турилганда Сафаров Москвадан етиб келди ва ўз овози билан Ойбек тарафдорларининг ҳисобларини бузиб қўйди. Абдулла Қаҳҳор эса унча узоқ бўлмаган колхоздан мажлисга етиб келмади, оқибатда Милчаковлар тўдасининг қўли баланд келди.

Ойбек атрофида юз бераётган машмашалар ҳеч кимга сир бўлмагани ҳолда, терговчи нима учун яна бу масалани эслаяпти экан? Ё уларга Ойбекнинг миллатчи, антисоветчи эканини тасдиқ этувчи янги далиллар керакми? Ўттиз еттинчи йилда Ёзувчилар союзи шундай уйдирмалар билан Қодирий, Чўлпонларнинг бўйнига сиртмоқ солиб берган эди. Одатда, одамлар бир-бирларини ҳимоя қилиш, ўзаро кўмаклашиш учун уюшадилар. Ёзувчилар союзини ташкил этишдаги мақсад ҳам шу бўлган. Лекин Сталин чизган чизиқдан чиқмай келаётган бу союзнинг вазифаси бошқача кечди. Энди гал Ойбекками? Қодирийдан кейинги энг мустаҳкам устун кесиб ташлангач, аҳвол нима бўлади?

Ойбекнинг боши узра қора булутлар тўплана бошлаган кунларнинг бирида Маъруф Ҳакимов бир гап айтиб, Мирзакалонни ҳайратга солди:
-Кеча Бобоев иккимиз Регина ресторанида тоз-за маишат қилибмиз, бош тарс ёрилай деб турибди.
-Кечами?-ажабланди Мирзакалон.-Чўнтакнинг қуруқлигидан фиғонингиз фалакка кўтарилятувди-ку?
-Чўнтагим қуруқ эди, Мамарасул ийиб кетиб, меҳмон қилди.
-Унинг бировни меҳмон қилиш одати йўқ эди-ку?-деб яна ҳайрон бўлди Мирзакалон.
-Бир дарди бор экан, юрагига сиғдиролмай, мени ўзига дардкаш қилди,-деди Ҳакимов. Мирзакалон “хўш?” дегандек диққат билан унинг кўзларига тикилди. Мирзакалон уни Ўлка ўзбек эрлар билим юртида ўқиб юрган пайтидан бери танирди. Уни ўз укасидек, ҳато ўз жигаридан ортиқ яхши кўрарди. Маъруф нашриёт ишларига янги киришган пайтларида Мирзакалон таҳрир ва таржима соҳаларидаги тажрибаси билан ёрдам берган, уруш даврида ҳам хат ёзиб, ҳол-аҳвол сўрашиб турарди. Маъруф у билан шу қадар сирдош эди-ки, эшитган-кўрганларини албатта айтмай қўймас эди. Бу сафар ҳам одатини канда қилмади – ҳикоясини давом эттирди:

–Кеча уни МГБга чақириб: “бизга ишлайсан”, дейишибди. Шуни айтиб, йиғлади. “Йўқ”, десам ҳам қўйишмади. “Ойбекка, бошқа ёзувчиларга кўз-қулоқ бўласан, билганларингни оқизмай-томизмай бизга маълум қилиб турасан!” дейишди”, энди ўз ўртоқларимни сотаманми? Айтинг, нима қилай? Ё ўзимни осайми?” деб йиғлайвериб, шишиб кетди.
-Сиз нима дедингиз?
-Мен нима дердим? Менинг қўлимдан нима келарди?

Бу нохуш суҳбатдан сўнг орадан икки-уч ой ўтгач, Маъруф Ҳакимов ранги оқарган ҳолда кириб келди:
-Мамарасулнинг бошига тушган бало менга ҳам рўпара бўлди,-деб атрофга бир ҳадиксираб қараб олди.-Менга ҳам ҳуфя бўлиб ишлашни таклиф қилишди. Бир эмас, икки марта чақиришди. “Оғзим бўш, мен сир сақлай олмайман” деб йиғламсираб берувдим, ишонишди шекилли. Лекин кўнглим барибир ғаш. Ҳар ҳолда МГБ Ойбек ака билан жиддий шуғулланаётганга ўхшайди. Йўлини топиб, акани шипшитиб қўйиш керакмикин?

Ойбек бир куни чақириб, вазифа топширгач, Мирзакалон иғвогарлар ҳақида гап очди. Ойбекнинг зарур юмуши бормиди, ё атрофида бўлаётган гаплардан хабардормиди “кейин...кейин...” деб суҳбатни давом эттирмади.

Турманинг сўроқ хонасида турган Мирзакалон терговчининг саволига эмас, ўзининг хаёлини тўзитиб турган шу саволларга жавоб тополмай ҳайрон эди. Терговчи бир оз сабр қилгач, юмшоқроқ овозда деди:
-Сен Ойбекнинг фақат сиёсий жиноятини эмас, иқтисодий жиноятини ҳам яширгансан. Ҳа, Ойбек “Ўзбек совет антологияси”ни таҳрир қилган, деб ҳақ тўлангани жиноят эди. Чунки у антологияга қалам ҳам урмаганди. Лекин Туйғун, Ҳомил Ёқубов ва сендан иборат учлик комиссияси, “таҳрир қилинган, тўғри ҳақ тўланган”, деб акт тузиб бердинглар. Ҳолбуки, Сафаров бунинг аксини исбот қилиб берган эди.
-Сафаров бунақа нарсаларни яхши тушунмайди, ундан ташқари ўртада шахсий манфаат бўлган. Учлик комиссияси масалани холис ўрганган.
-Демак, сен бу воқеани яхши эслайсан?
-Ҳа.
-Демак, сен бу масаладаги фикрингга содиқсан?
-Ҳа.

Мирзакалон бу иқрордан кейин ё мушт ё тепки тушиб қолар, деб ўзини зарбага тайёрлади. Лекин терговчи марҳамат қилди – тегмади. Аксинча, худди ёш болани алдаётган оҳангда гапирди:
-Камерага бориб яхшилаб ўйлаб кўр: ғирром акт тузиб Ойбекни оқлаш ғояси кимдан чиққан, аслида нима бўлган?

Терговчи шундай деб назоратчини чақирди. Мирзакалон қўлини орқасига қилиб, чиқишга ҳозирланганда Терговчи тўхтатди:
-Берлиндаги Молли хониминг ишчининг қизи экан, а? Бунга ишондим. Назира Холидова-чи? У ҳам ишчининг қизимиди? Унинг отаси Туркия жосуси, халқ душмани сифатида отиб ташлаганини билмасмидинг? Германиядан олиб келган ёзув машинкангни бекорга совға қилмагандирсан, а?

“Ҳатто машинкани ҳам билишади булар”, деб ғижинди Мирзакалон. Аммо ичидагини сиртига чиқармай, бошини эгганича эшик томон юрди.
-Исмоилий, вақтинг борида ўйлаб ол, кейин вақт қолмаслиги ҳам мумкин. Буниси энди ўзингга боғлиқ...-деди терговчи унинг ортидан.

Терговчи айтмаса ҳам билади – ўзининг тақдири ҳам, оиласининг қисмати ҳам айтадиган сўзларига боғлиқ. Назира билан дастлаб кўришганда унинг отаси ким эканини чиндан ҳам билмаган эди. Ойбек ҳам билмаганлиги аниқ. 1948 йилда, Ўзбекистон совет ёзувчилари союзида ишлаб юрган кезларида раис Ойбек уни чақириб, қўлига иккита кичкина таржима берди-да:
-Шуни кўриб чиқинг, тузук бўлса чақириб гаплашинг, ёрдам беринг, таржималарини журналда бостирамиз,-деди.

Мирзакалон хонасига қайтиб, қўлёзмага кўз югуртирди. Назира Холидова имзоли бир аёл томонидан ўзбекчага таржима қилинган рус ёзувчиларидан бирининг иккита ҳикояси эди. Маъруф Ҳакимов билан икковлашиб, русчага солиштириб қараб, таржиманинг айрим, аҳамиятсиз камчиликларидан қатъи назар, жуда яхши қилинганига қойил бўлдилар. Бир неча кундан сўнг таржимачи келди. Йигирма икки-йигирма уч ёшларда, жуссаси кичиккина, ўзи пучуққина бир қиз эди. Мирзакалон у билан Маъруф Ҳакимов ҳузурида гаплашди. Гаплари пишиқ, жиддий бир қиз. Таржимасининг яхши эканлигини айтиб, айрим камчиликларини ўзига кўрсатишди. Қиз тажрибасиз эканлигини, ўрганиш орзуси борлигини айтгандан кейин, Мирзакалон унга бир савол бердики, олган жавоби уни ўша топда буюк бир таҳсин билан ларзага солган бўлса, унинг таъсири ҳали ҳам эсида. Мирзакалон ундан:
-Сизда бу ҳавас қайдан туғилди?-деб сўради. Холидова хижолат бўлгандек, кулди. Кейин дадил туриб тушунтирди:
-Мен китоб ўқишни жуда яхши кўраман. Ўзбек тилида босилган китобларни тамом туширганман, десам куларсизлар, лекин ҳақиқат. Рус тилида ҳам жуда кўп китоблар ўқидим. Русча шундай ажойиб, шундай яхши китоблар борки, ҳамма дугоналарим ҳам русчани баҳузур ўқий олмайдилар, демак, бой рус адабиётидан мен олган руҳий озуқни ололмайдилар. Дугоналаримга ачинаман. Шунинг учун ҳам, дугоналарим менга ўхшаш лаззатлансинлар, деб, таржима билан машғул бўлишга қарор қилдим.

Қизнинг бу жавоби икковларини қувонтирди. Рус китоблари ҳақидаги сўздан кейин беихтиёр болалиги ёдига тушди...

Андижоннинг Булоқбошисидан, отасининг зулмидан безиб, Ўшга қочиб келган кунлари эди. Кўчага чиқса, бир малла рус боласи қўлида китоб, ўқиб ўтирибди. Ёши ўзи билан тенг кўринди. “Мен тенги бола ҳам китоб ўқийдими?” – ўзига берган биринчи саволи шу бўлди. Унинг ёнига бориб, қўлидаги китобга қаради. У бола Мирзакалонга ўрусча гапирди, назарида “сен ўқишни биласанми?” дегандай бўлди. Мирзакалон эса ўқишни билмайди, билимсиз. Китобни қўлига олди. Ёниб кетди. Шу бола ўқийди-ю, нега мен ўқий олмайман, деб ўзидан ўзи нафратланиб кетди. Юрагига ўша онда ўқиш ишқи тушган эди...

Таржимачилик ижодига юқори баҳо олган Назира журнал таҳририяти топшириғи билан ҳикоя ва очеркларни русчадан ўзбекчага таржима қилиб бера бошлади. Войничнинг “Сўна” романи, Лев Толстойнинг “Тирилиш”и, Радишевнинг “Саёҳат”и каби ўнлаб асарларнинг беназир мақомда таржима қилган ижодкорнинг ҳар бир маслаҳатини у жон қулоғи билан тингларди. Назира феъли ва одати жиҳатидан ўзбек қизидан кўра кўпроқ рус қизига ўхшарди. Ғайрати туганмас кўринарди. Бир ёқдан ўзи таржима қилса, бир ёқдан устознинг маҳорати сирларини ўрганиш учун унинг қўлёзмаларини ёзув машинкасида тозага кўчириб берарди. Шу сабабли Мирзакалоннинг ихчам ёзув машинкаси уникида турарди. Бундан ким хабар топгану бу идорага қўшиб-чатиб етказган – Худо билади!

Ўзбек қизларидан таржимон чиқиши адабиёт ва нашриёт соҳаларидаги катта ютуқ дейиш мумкин эди. Мирзакалон Назиранинг ижодига фақат шу нуқтаи назардан қаради ва ёрдамини аямади. Унинг отаси ким эканини эса кейинроқ билди. Билди-ю, унга бўлган эҳтироми янада ортди. Назира отаси ҳақида гапирмасликка тиришарди. Мунаввар қорининг маслакдоши бўлган бу турк зиёлисининг Москвага олиб кетилганини, ўша ерда отиб ташлангани ҳақидаги миш-мишларни Мирзакалон ёшлик чоғларида эшитган, гарчи Мунаввар қорини ҳам, уни ҳам кўрмаган бўлса-да, устози Чўлпондан улар ҳақида кўп ҳикоялар эшитиб, номларини қалби тўрига қўйган эди. Ана шундай миллат фидойисининг қизига нисбатан унда қандай ёмон ният бўлиши мумкин? Отаси ҳақидаги ҳақиқатни билгач, Назира унинг кўзига гўё “Сўна” романидаги матонатли, садоқатли Жемми бўлиб кўринди ва... ўзида Артурнинг жасорати, ҳайбати йўқлигидан ўкинди. Назиранинг келажагини ўйлаганда эса унга Артур каби ўтюрак йигит насиб этишини орзу қилди...

Буларни терговчига айтсинми? Бўлмаган гап!! Назиранинг пок номига доғ тушишини сира истамайди. Терговчи бекорга гапни айлантирмади. Халқ душманининг қизини қамоққа олиш учун унга далил етишмай турибдими? Ўша етишмаган нарсани Мирзакалон тўлдирши керакми? Ҳеч қачон! Шу қатъий қарорга келиши учун терговчи хонасидан ўзининг камерасига қадар бўлган йўлдаги вақт кифоя қилди ва бу аҳдига хиёнат қилмади.

X

Тошкент, Дархондаги уч хонали уй.
1986 йил, 4 феврал, сешанба, соат 22.50.

Қулоғига ўша ширали овоз урилиб, вужуди бир сесканди. Яна киприклари титради. Бутун вужудини қулоққа айлантириб тинглади: йўқ, афсус, Назиранинг товуши эмас бу. “Ҳа-а... ҳамшира келибди”. Димоғига спирт ҳиди урилди. “Ништарини санчади...” Танаси игнанинг заҳрини сезмайди. Атроф сукут оғушида қолди. “Нима бўлди? Ҳамма кетиб қолдими?”

Бу онда юрак уришини тасмага кўчириб, синчиклаб кузатишарди. Эгри чизиқлар врачда бадбин туйғу уйғотиб, бош чайқаб қўйди. Аммо остонада турган ўғлига ҳақиқатни айтишни лозим кўрмай, ҳамширага деярли пичирлаб, томирга қандай дори юборишни тайинлади. Улар вазифаларини бажариб, чиқиб кетишгач, яна овозлар эшитилди.

Йўлчиев одатдагича баланд овоз билан гап бошлади:
-Ҳуши ўзидалигида менга айтувди, “Фарғона тонг отгунча”нинг учинчи китобини ёзишга даъват қилган экансан. Тўғри ўйлабсан. Ёзиш керак.

“Жияним билан гаплашяпти”, деб ўйлади у.

Қўшни хонадаги Йўлчиев эса гапини баралла давом эттирди:
-Эрта-индин тузалиб, отдек бўлиб кетади, бирга ўтириб ёзишгин. Бу қанақа роман биласанми? Бу оддий китоб эмас. Бу Мирзакалоннинг йиғлаб-йиғлаб топган боласи. Қамоқдан қайтганда “роман ёзиб келдим”, деса эсим тескари бўлиб кетди. Қанақа қоғоз топса, шунақасига ёзаверган. Ҳатто газетанинг ҳошияларига, сатрлари орасига ҳам битҳарфлар билан ёзган. Романнинг нечта бобини назоратчилар олиб қўйиб, ёқиб юборишган. Лекин у ёзаверган. Бир куни Ҳаётхоннинг аҳволини ёза туриб пиқ-пиқ йиғласа, эшик ортидаги назоратчи эшитиб қолиб “Ранжийверма, йигирма беш йил ўтади-кетади, яхши юрсанг, бошқа қўшишмаса, олтмиш беш ёшларингда уйингга кириб борасан”, дермиш, қизталоқ! Сталин ўлганидан кейин, амнистия офтоби кўринай деб қолгач, сал бемалолроқ ёзган. Буни сенга айтганми? Ҳа-а... буларни гапиришни истамасди. Фақат бир марта менга ёрилувди. Қарағандадан Тошкентга қайтарилиб, оқлаш олдидан тергов қилинганда “уч-тўрт ой ўтириб турсам бўларди”, дебди. Бу гапни эшитиб терговчи лол қолибди. Ҳамма озодлик кунини интиқ кутса-ю, бу яна

Йўлчиевнинг овози пастлашгандай бўлди. Кейин узоқдан, жуда узоқдан бўлиниб-бўлиниб эшитилди.
-Мирза, мен кетяпман жиянинг олиб бориб қўймоқчи, ўзингга ўхшаган яхши бола бўлган...

“Ҳа... менинг кўнглимдагидай вояга етди, у менинг қаламимнинг меросхўри, билмаганлар билиб қўйишса яхши бўларди. Аммо... ўзи ҳам илтимос қилмади, менам рағбат қилмадим... Биронта китобига “оқ йўл” ёзиб берсам бўларди...
-Мирза, эртага эрталаб келаман, қаймоқхўрлик қиламиз. Зуҳрахон, эрингизни эркалатаверманг. Отаси юзга кирган азамат одам эди, бу ҳали саксонга етмади. Отасининг умрига солиштирсак ҳали бир гўдак. Илиги тўқ, зуваласи пишиқ бу йигитчанинг. Икки кунда туриб кетмаса, отимни бошқа қўяман!

Овоз тинди. Дўсти кетдими ё унинг қулоғи эшитмай қолдими? Бошида оғриқ кучайди. Жияни иссиқ кафтини қўйганда оғриқ чекингандай бўлятувди.

“Жияним кетмай турса бўларди”,-деб ўйлади у. Негадир хўрсингиси келди. Бўйининг узунлиги демаса, жияни ўзига ўхшайди, ҳазил-мутойибани яхши кўради. Узун бўйини пайров қилиб кўп гапирарди. Бир куни “эшитдингми, янги дори чиқибди, бўйнинг ўсишини тўхтатаркан, ўша дорини топган дўхтирга бор”, деди. “Бирга борамиз, тоға, бўйни ўстиришни тўхтата олган дўхтир, бўй ўстиришнинг ҳам чорасини топгандир?” Бу ҳазилни эслаб, рангпар юзини жилмайиш ели силаб ўтди...

Беморнинг лабини ҳўлланган пахта билан авайлаб артаётган кампир буни сезиб, сергакланди. Унинг оёғини ушлади – муздек. Меҳмонхона томонга бошини буриб, уйқудаги беморни уйғотиб юборишдан чўчигандай паст овозда “Ҳасанхон”, деб чақирди. Аввал ўғил, кейин бошқалар киришди.
-Ўзингларни тутиб, рози-ризолик тилашинглар,-деди кампир яна ўша паст овозда.-Ҳасанхон, ўғил бошлаши керак.

Кўзларидан милт-милт ёш қуйила бошлаган ўғил:
-Бўлдими? –деди йиғламсираб.
-Йўқ...
-Бувижон, нима дей?
-“Адажон, мендан, келинингиздан, болаларимдан рози бўлинг, биз сиздан мингдан минг розимиз”, денг.
-Адажон, мендан... –кейинги сўзлар йиғи билан айтилди.

У ўғлининг нидосини эшитди. Қалби билан:
-Розиман...-деди.

Лаблари қимирлагандай бўлди.

Кейин бошқалар...
-Розиман... розиман...

“Таомил шундай. Лекин ҳеч ким “ҳаётдан рози бўлинг” демайди. Шундай деб сўралганда нима деб жавоб қилардим? Ҳаётдан розиманми? Албатта! Чунки ҳар қанча таъқиб қилишмасин, ҳар қанча хорлашга уринишмасин, мен қаддимни букмадим. Мен ҳатто қамоқда ҳам озод эдим... Ҳаёт менга номус инъом этган эди – номусимга содиқ бўлдим; ҳаёт менга идрок инъом этган эди – идрокимни беҳуда нарсаларга исроф этмадим; ҳаёт менга беназир гўзал Ватанда туғилмоқ ва яшамоқ бахтини берган эди – Ватанга хиёнат этмадим... Мен ҳаётдан розиман... Ҳаёт мендан рози бўлса бас...”

Оёқнинг музлаши белга чиқди, ундан кўкракка... Эгасига хиёнат қилмаган юрак сўнгги зарбасини берди... Ожизгина, енгилгина сўнгги нафас - бир “пуфф” билан жон чиқди. Озодлик гулини ҳидлаган инсоннинг мижжаларидан бир томчи покиза ёш думалаб чиқиб, ёноққа тушди...

Хотима ўрнида

Ҳануз армондаман...

Орадан йиллар ўтяпти. Одамзот ҳар қандай айрилиқ, ҳар қандай ҳижронга чидайди. Кунлар ўтгани билан хотиралар хира тортмай, аксинча, тиниқлашиб, юракни қон қақшатиб бир ўксик уйғотади. Суянган тоғингиз, ишонган одамингиз, доно маслаҳатгўйингизнинг бу дунёни ташлаб кетганига ишонгингиз келмайди. Сўнгги суҳбатлар қулоқ остида қайта-қайта жаранглаб, сўнгги дийдор кўришувлар ва ниҳоят, энг охирги учрашув кўз олдингиздан кетмас экан...

Ҳануз армондаман...

Мирзакалон Исмоилий... Бу одамнинг истарали сиймоси, кулиб турувчи кўзлари уни кўрган, билганлар хотирасидан ҳали ўчмади. Бу одамнинг номи адабиётга кўнгил қўйганлар тилидан тушганича йўқ. Мирзакалон Исмоилий менга ҳам тоға, ҳас устоз эдилар. Шу сабабли мен учун улуғ бир зотга айланган одамнинг бу дуёндан кетганига ишонгим келмайди.

Маъзур тутинг, қўлга қалам олмоқдан мақсадим бўлак эди. Муддао ҳасрат эшигини очиш эмас, балки умрини фақат эзгуликка бағишлаган одам ҳақида бир-икки оғиз сўз айтиш. Халқимиз Мирзакалон Исмоилийнинг ёзган асарларинигина билади. У муҳтарам зотнинг шаҳсий ҳаёти, асарларининг дунёга келиши тарихи кўпчилик учун сир. Шунинг учун ёзувчининг асарларига қайта тартиб бериш чоғида ана шу сирни ошкор қилишга журъат этдим.

Ҳануз армондаман...

Эрталаб келиш нияти билан кетган эдим...Уйимга кеч соат ўн бирдан кейин қайтдим. Остона ҳатлашим биланоқ бўғзимга йиғи келди. Аҳли аёлим буни сезиб “ўтдиларми?” деб сўради ҳавотир билан. “Йўқ” деган маънода бош чайқадим. Аммо бу савол йиғи йўлидаги тўсиқни олиб ташлади. Аҳли аёлим мени юпатишни ҳам, бирон нима деб кўнглимга далда беришни ҳам билмай иккиланиб тураверди. Дадам билан аям ухлаб қолишганди.
-Оғирлашиб қолдилар, қайтиб бормасам бўлмайди,-дедим.
-Аямни уйғотайми?
-Йўқ. Бу аҳволда ётишларини кўрсалар юраклари кўтара олмаслиги мумкин...

Бу ҳам оғриқли армон бўлиб қолди. Акаларининг оғир хаста эканликларини яширмаслигим керак эди. Тирикликларида олиб боришим керак эди... “Тоғангни кўряпсанми, яхшимилар?” деб сўраганларида “Яхши юрибдилар”, дердим. Алдамаслигим керак экан...

Аямни уйғотиб юбормаслик учун автомашинанинг моторини ўт олдирмай, кўчага итариб чиқардик. Дархонга йўл олдим. Беш қаватли уй олдида тоғамнинг набиралари Равшанни кўрдим. Юрагим “жиз” этиб кетди: кечикибман! Бу уйдан чиқиб, қайтиб келгунимча узоғи билан қирқ дақиқа ўтгандир. Кейин ўйласам, уйимга кириб бораётганимда бўғзимга бекор йиғи келмаган экан. Ўша онда жон таслим қилган эканлар.

Уйга кирдим... Гўё ширин уйқуга кетганлар. Танани жон тарк этган бўлса-да, юзларидан нур ёғилиб турарди. Қамоқ асорати беиз кетмаган, юз-қўлларига оқ доғлар тошган эди. Тиб аҳли қанча уринмасин, бу хасталик чорасини топмади. Тоғамнинг тўй-ҳашам, турли анжуманлардан ўзларини тортишларига ҳам шу доғлар сабабчи эди. Бу доғлар гўё қамоқхонанинг тамғаси бўлиб қолган эди. Жон чиқиши билан бу доғлар ҳам йўқолибди...

Мен шу онга қадар ўзимни қариндошлар орасида ёш йигит фаҳмлаб, маслаҳат бериш ҳуқуқига ҳали етишмаганман, деб ҳисоблардим. Чунки, ёшлари мендан анча улуғ яқин қариндошларимиз кўп эди.

Йиғи-сиғидан сўнг дафн маросимини ўтказиш маслаҳати бошланди.
-Қайси театрга қўйилади?-деган саволга “марҳумнинг жасади “Ҳамза” театрига ё Муқимий номидаги театр биноси қўйилиши керак, Навоий театри биносига қўйилса яна ҳам яхши”, деган таклиф айтилди. Муҳокамага қўшилмай, индамай ўтирган эдим, савол назари билан менга қарашди, кейин:
-Ҳукумат катталарига хабар қилиш керак,-дейишди.
-Эрталабга қадар раҳбарларга хабар беролмаймиз. Уларни топиб айтгунимизча, шундай ётадиларми? Умуман, ҳафа бўлманглар-у, бирон жойга қўйишга мен қаршиман. Мусулмонларда бунақа одат йўқ. Агар тоғам коммунист бўлганларида бошқа гап эди. Майитни томошага қўйиш яхши эмас, ювиб, кафанлангандан кейин бировнинг назари тушмаслиги керак,-дедим.

Қариндошлар, айниқса тоғамнинг оилалари мусулмонларга ҳос одатларни яхши билишмасди. Шу боис, гапимни тасдиқлашни ҳам, инкор этишни ҳам билмай бир-бирларига қараб қолишди.
-Унда Чиғатойдаги коммунистлар мозорига қўйилмайдиларми?-деб сўрашди.
-Тоғам ўзларини қаматган, хорлаганлар билан ёнма-ён ётишлари керакми?-дедим ғашланиб. Мен бундай демаслигим керак эди. Хиёнаткорларни тоғам кечирган эканлар, мен таъна қилишга ҳақли эмасдим. Бу гап мотам туфайли эзилган юракда беҳос туғилиб, иҳтиёрсиз равишда юзага чиққан эди.

Чиғатой қабристонига қўймаслик ҳақидаги гапимни ўйлаб туришганда хаёлим бирдан ёришиб кетди. Тоғам томонидан бир мартагина айтилган, кейин узоқ йиллар давомида унутиб юборганим васиятни эсладим! Беш йил муқаддам тоғамнинг катта ўғиллари Фаррух ака бедаво касалликка чалиниб, аввал икки оёқлари кесилган, сўнг вафот этган эдилар. Тоғам бошқа шифохонда даволанаётган эдилар. Врачлар жанозага келишга ижозат беришмади. Даволаниб чиққанларидан кейин тоғамни “Минор” қабристонга олиб бордим. Йиғладилар. Дуо қилдилар... Сўнг қабр атрофига кўз югуртириб, ниманидир чамаладилар:
-Яхши жойга қўйибсизлар. Қарагин, ёнида яна икки кишилик жой бор экан...-дедилар.

Бу гапнинг ўзига хос васият эканини айрилиқ кечаси эсладим-да, қариндошларга айтиб, яна илова қилдим:
-Опоқ дадам ҳам, Ойзуҳра опам, Фаррух акамлар ҳам ўша қабристондалар... бирга ётишни истаганлар... Бу истакни ўзгартириш мумкинмас...

Масала ўз-ўзидан ҳал бўлди. Айримлар марҳум билан хайрлашиш учун жасадни бирон театр биносига қўйиш фикридан воз кечмай, Ёзувчилар уюшмаси раҳбарларига қўнғироқ қила бошладилар. Лекин ҳеч ким бу қўнғироқларга жавоб қилмади. Шу кечанинг ўзида жамланган қариндошлар дафн маросимига тегишли нимаики масала бўлса негадир менга мурожаат қила бошладилар. Шу кеча ўзимни анча улғайиб қолган ҳис қилдим.

Ўша йили комфирқа раҳбарияти диний урф-одатларга қарши курашни авж олдирган эди. Коммунистнинг ўзи ёки бирон яқини вафот этса жаноза ўқитилмас, айрим довюраклари яширинча ўқитиб қўйишарди. Мозорларда қуръон тиловат қилинмасин, деб ҳатто ўриндиқларни суғуртириб ташлашганди. Ана шундай шароитда атоқли адибнинг қандай равишда дафн этилиши масаласини ҳал этиш осон эмасди. Эрталаб, раҳбарлар уйғонишгач, каттами ё кичикми ғавғо уйғониши мумкинлигини ўйлаб, майитни кечасиёқ ювиб, кафанлаб қўйиш керак, деган тўхтамга келиб ҳаракатни бошладик.

Ёзувчилар уюшмаси партия ташкилотининг раҳбари хабар олгани келганда тўпланган жамоа “коммунистчасига дафн этиш ҳақида гап ҳам бўлиши мумкинмас”, деган кайфиятда эди. Ҳайрият, ортиқча гап-сўз чиқмади. “Бодомзор” масжидининг имоми жанозани “Минор” қабристонида ўқийдиган бўлди. Тобут қабристон ҳовлисига қўйилгач, ёши катта ёзувчилар, тоғамнинг тенгдошлари “Мотам митинги қиламиз”, дейишди. Имом буни эшитиб гарангсиб қолди. Бу таклифга монелик қилса балога қолишини билиб, жамоадан нажот кутгандек жавдирай бошлади.

-Митинг шарт эмас, ҳозир жаноза ўқилади, бошланг тақсир,-дедим. Камина коммунист бўлмаганим сабабли шундай дейишга журъат қилдим шекилли.

Тоғам менга кўп насиҳатлар қилардилар, кўп гапларини қулоққа олардим. Лекин икки насиҳатларини бажаришни истамадим. Биринчиси – “Диссертация ёқлаб ол, қариганингда асқотади”, дердилар. Олимларнинг маошлари кўпроқлигини назарда тутиб, илмга даъват қилардилар. Мен илмдан кўра ижодни маъқул кўрардим, диссертация ёзишдан кўра, унинг атрофидаги кераксиз ҳаракатлар, ташвишлар, югур-югурларга тоқатим йўқ эди. Шу ишга куч сарфламай тўғри қилганман, деб ҳисоблайман. Иккинчиси - “Партияга ўт”, деб қистайверардилар. “Партиясиз бўлсанг юқори мансабларга эриша олмайсан”, дердилар. Навбатдаги даъватдан кейин: “Сиз уруш пайтида ўтган экансиз, қамалиб чиққанларнинг кўпчилиги партия аъзолигига қайта тикландилар. Сиз нима учун тикланмадингиз?” деб сўрадим. Саволим тоғамга ёқмади. Қошларини чимириб: “Мени қамоққа тиққан партияга яна аъзо бўлишни истамадим”, десам кўнглинг жойига тушадими?” дедилар. Мен кулимсирадим. “Нега тиржайяпсан?” дедилар, кескин оҳангда. “Жавобни ўзингиз айтдингиз: тоғамни қаматган партияга аъзо бўлишни истамайман”,-дедим. “Бу баҳонанг ўтмайди,-дедилар энди юмшоқроқ оҳангда,-менинг тақдирим бошқа, сеники бошқа”. “Унда бошқа баҳонам бор,-дедим ҳазил оҳангида.-Партияга аъзолик бадали тўлашни ёқтирмайман”. “Бу баҳонанг ўринли”, дедилар жилмайиб. Шундан сўнг бу мавзуда гап бўлмади. Тоғамнинг гапларига кирмаганим учун ҳозирга қадар ўзимдан ўзим хурсанд бўлиб қўяман.

Ким билади, агар мен ҳам урф-одатларни бўғаётган партияга аъзо бўлганимда тоғамни ёғоч қутига солдириб кўмдирармидим... Астағфируллаҳ!

Имом жанозага сафланишни буюрганда жамоа бирдан иккига бўлинди. Бир гуруҳ ҳудди адашган сел оқими сингари тобутдан узоқлашди. Бир гуруҳ жанозага сафланди...

Бу тасодифий ҳол эмасди. Бу ҳаёт ҳақиқатининг амалдаги кўриниши эди. Кундалик тирикчилик ташвиши билан банд бўлган одамлар ҳудди бир оқимда юраётгандай бўладилар. Аслида эса ундай эмас...

Вафотларидан икки йил кейин, инсоф ва адолат юзасидан қаралса, саксон йиллик тўйлари тантана билан нишонланиши керак эди. Лекин Ёзувчилар союзи бу қутлуғ санани унутгандай юраверди. Марказқўм раҳбариятига мурожаат қилингандан кейин, уларнинг кўрсатмаси билан юбилей маросими, енгил-елпи бўлса-да, ўтказилгандай бўлди. Ўша пайтда Марказқўмда ғоявий масалалар билан шуғулланган раҳбар узоқ йиллар Москвада яшаган эди. “Ёзувчиларни билармикин ё йўқми?” деган шубҳа билан Мирзакалон Исмоилий туғилган кунига саксон йил тўлгани айтилганда унинг кўзлари чарақлаб кетди.
-Мен бу устозни жуда яхши биламан. Москвада юриб ўзбек тилини унутиб юбормаслик учун “Фарғона тонг отгунча” романини қайта-қайта ўқирдим.

У кишининг айтганлари биз учун катта баҳо бўлди.

Булоқбошиликларнинг ташаббуси билан тўқсон йиллик тўйлари она қишлоқларида ўтказилди.

Бу йил туғилганларига юз йил тўлади. Эътиборингизга ҳавола этилаётган бу баёнимизни шу қутлуғ санага атадик. Аслида бу асарни анча илгари ёзишим керак эди. Асар аввалидаги санага эътибор берган бўлсангиз, ёзишни ўн йил аввал бошлаганман. Унга қадар неча йил турли фикр-мулоҳаза билан қўлга қалам олишга журъатим етмади. Таъбир жоиз бўлса, бу энг узоқ ёзилган асар бўлди. Асарга ёзувчи ҳаётидаги энг оғир дамлар асос қилиб олинди. Қамоқдан кейинги ҳаётлари кам тилга олинди. Эҳтимол, бу мавзу алоҳида бир асарга кўчар, валлоҳи аълам! Ардоқли ёшларимиз баёнимиздаги дўстлар ва уларнинг хиёнатига эътибор беришса фойдали бўларди. Зеро, асарни ёзишдан мақсад, фақатгина ёзувчи ҳаётидан бир-икки лавҳа ҳикоя қилишгина эмас. Баён қилинувчи лавҳалар бизларга ибрат бўлиши керак. Шу ўринда Аллоҳ ёшларимизни садоқатли дўстлар билан сийласин, деб дуо қиламиз. Садоқатли дўстдан фақат бир ёки икки киши манфаат кўрмайди. Садоқатли дўст – жамиятнинг қудрати ҳисобланади.

Ҳужжатли қисса доирасига кирмай қолган айрим воқеа, фикр ва мулоҳазаларни хотима бобида бўлса ҳам айтиб ўтиш зарурга ўхшаб қолди.

Мирзакалон Исмоилийнинг номини элга машҳур қилган асар – “Фарғона тонг отгунча” романи. Адибнинг мўлжалича, асар уч китобдан иборат – трилогия бўлиши керак эди. Романнинг икки китоби ёзилди. Учинчиси қоғозга кўчмади. Ёзувчига “Роман қандай ёзилди, учинчи китоб қачон битади?” деган саволлар жавобсиз қоларди. Радиода ишлаб юрган давримда, бир куни “Одамлар романнинг ёзилиш тарихи билан қизиқишяпти”, деганимда, тоғам маъюсгина жилмайиб: “Қандай жавоб бераман, китобни қамоқдалигимда ёзганимни айтганим билан эълон қила олишмайди-ку?”-дедилар.

“Фарғона тонг отгунча” романи навбатдаги қайта нашрга тайёрланаётган кунларда тоғам мендан: “Асқар Қосимов деган йигитни танийсанми?” деб сўраб қолдилар. Асқар билан яқин дўст эканимни айтганимдан кейин қувониб: “Ажойиб йигит экан, Чўлпонни ёддан билар экан!” деб хитоб қилдилар. Ўша кунлари романнинг муҳаррирлиги топширилгани учун Асқар асарни синчиклаб ўқиб чиқибди-да, тоғамга Чўлпон услубида ёзилганини айтибди. У пайтларда мен “Кеча ва кундуз”ни ўқимаган эдим. Асқар лотин ҳарфларидаги нашрини қаердандир топиб ўқиган экан. Шеърларини ҳам ёд олган экан. Асқарнинг руҳиятида ҳам, шеърларида ҳам Чўлпон нафаси сезилиб турарди. Шу туфайли ҳам тоғам уни ёқтириб қолган эдилар.

Романнинг қамоқхонада ёзилгани рост. Қўлёзмаларини мен кўз қорачиғидай сақлаяпман. Юз йилликларига бағишланган тадбирлардан кейин бу қўлёзмаларни, турли мактубларни Адабиёт музейига топшириш ниятим бор. Шулардан бири қўқонлик китобхон Носиржон Поччабоевга ёзилган. Мактубда асар тарихига доир сатрлар мавжудлиги учун танишиб чиқсак зарар қилмас:

“Ассалому алайкум, ҳурматли Носиржон ака!

Кейинги вақтларда Сизни тез-тез эслар, катта ғамхўрлик билан ёзиб турган мактубларингиз узилиб қолганидан ховатирланар эдим. Худога шукр, саломат экансиз, биз ғарибларни эслаб, хат орқали йўқлаш илтифотида бўлибсиз. Бунинг учун минг-минг раҳмат!

Носиржон ака, “Фарғона тонг отгунча” романимнинг иккинчи китоби Сизга кўп манзур бўлганини ҳаяжон билан ёзиб, ундаги мактублар, шеърлар, айрим сўзлар, умуман, китобда мавжуд яхши-ёмон гаплар ўзим ўйлаб топган гапларми ё архивлардан, эски манбаълардан йиғиштириб олинган термаларми, деб сўрабсиз. Нима дейин? Инсон қалби бамисоли денгиз –таги-туги йўқ бир нарса бўлар экан. Кўрган-билганларимиз, эшитган-ўқиганларимиз қанчалик катта, қанчалик ҳаяжонли ё аянчли бўлмасин, қалб денгизи ўзига сиғдирар, асрар, бетиним мавжи билан бизни тўлқинлантириб турар экан! Биз эсак керагида бу бемисл денгиз тубидан фикрат дурларини терар, шу дурлар туфайли ўзимизни ҳам, ўзгаларни ҳам қувонтириш, ҳаяжонлантириш, ўйлантириш бахтига муяссар бўлар эканмиз. Шундоғ, Носиржон ака, агар ҳазрати Навоийдан ва бошқа донои замонлардан қиртишлаган баъзи шеърлар, ҳикматли такбирлар ҳисобга олинмаса, китобнинг бошидан охиригача ҳамма шеър, мактуб, ҳикматли гап – ҳаммаси камина қулингизнинг ғариб қаламига мансуб ожиз фикрлардир.

О, Носиржон ака-я, китобнинг ёзилиш тарихини сўрабсиз! Буни мендан эмас, китобдаги кўзёшларидан сўранг эди! Сиз “Китобни ўқиб туриб ҳўнграб йиғлаб юбордим”, дейсиз. Неажаб, ерга қандай уруғ ташласангиз, ҳосили шундай бўлади. Носиржон ака, мен бу китобни ёза туриб қанчалар йиғлаганман, қанчалар қон ютганман!.. Билсангиз, пешанамда темир панжара, тепамда ўлимтик чироғнинг ўлиб бўлган қора нури, остимда зах, совуқ бетон, эшигида отнинг калласидек қулф!.. Қўйинг, бошқа тафсилларнинг қораси ўчсин! Бу шунчаки бир китоб эмас, йўқ, шахсга сажда даврининг қора кунларида минг азоб, минг тўлғоқ билан туғилган бир ғариб хилқат. Ҳа, хилқат!.. Бу менинг йиғлай-йиғлай топган болам!

Носиржон ака, мактубимнинг охири кўзёшига айланмай туриб гапни тамом қилай, кечиринг мени. Энди мактубингизнинг иккинчи қисмига ўтайлик. У масала (учинчи китоб назарда тутиляпти.Т.М.) очиқлигича турибди. Ёш бўлса олтмиш саккизга етиб қолди. Худо саломат қилса, ҳадемай етмиш-да! Уёғи бир гап бўлар...”

Мазкур мактубдаги ифода гўзаллигига эътибор қилайлик. Адиб матбуот учун ёзаётгани йўқ, оддий ишчига қалбини очяпти. Носир ака 24 июнда йўллаган хатида “Сизнинг менга йўллаган жавоб мактубингизни олмадим. Чунки мен иккинчи қаватда истиқомат қиламан. Почта қутиси эса пастда, биринчи қават деворига михланган. Ҳар куни 15-16 бола худди шу ерда тўпланиб ўтиради. Шундай шўх ва ёмон болалар кўпки, келган хат ва газеталарни ўз вақтида оломаймиз. Яқинда почтачи хотин мени кўриб: “Сизга Тошкентдан хат келган эди, бир ёзувчидан. Конвертдаги адрес машинкада ёзилган эди, шу хатни олдингизми?” деб сўради. Мен сизнинг у хатингизни олмаган эдим”. Ёзувчи бу ҳолдан ғашланмасдан “Хатим қўлингизга тегмагани ҳақидаги мактубингизни олиб, ўзимда қолган нусҳасидан бошқалатдан кўчириб юбордим. Буниси тегар, а?” деб 30 июн куни жўнатганлар.

Роман, гарчи қамоқда ёзилган бўлса-да, унинг муҳокамаси ёзувчи озодликка чиққанларидан кейин Ёзувчилар союзида бўлиб ўтган, салбий баҳо берилиб, нашрга тавсия этилмаган эди. 1956 йили 15 октябр, ёзувчи қирқ саккиз ёшга тўлган куни Ўзбекистон ёзувчилари союзи правлениеси президиумига хат билан мурожаат қилади. Рус тилида битилган аризада бу сатрларни ўқишимиз мумкин:

“Ўзларингизга маълумки, мен узоқ йиллар рус ва ҳориж буюк адибларининг, жумладан, совет ёзувчиларининг асарларини ўзбек тилига таржима қилиш иши билан шуғулланиб келдим. Бу иш то шахсга сажданинг малъун туҳматчилари қурбони бўлгунимга қадар давом этди. Бериянинг мустабидлари мени озодликдан маҳрум қилишди, аммо Ватанга муҳаббат ҳақида гап кетганда ҳар қандай қуролдан аълороқ, ўткирроқ ишловчи адибнинг қаламини тортиб олишолмади. Ҳибсда эканимда мен хаёлан йирик асар устида иш бошладим. Мўлжалим бўйича, бу асар ўзбек халқининг 1905 йилдан то бугунги кунга қадар босиб ўтган тарихий йўлини кўрсатиши керак эди. Ёлғизликда, маҳрумликда ўтган кунларим, йилларимни беҳуда совурмадим. Мен лагерда ўйлаб қўйганим уч китоб-трилогиянинг асосий йўналишларини миридан сиригача хаёлимда пишитдим. Ижод билан шуғулланиш ман этилганига қарамай, мен яширинча қоғоз парчаларига трилогиянинг бир қисмини ёздим. Дунёга келаётган асаримни уч йил бадалида туну кун қалбим тўрида асрадим, энг ардоқли, энг севимли фарзанддек суюб, эркалаб, вояга етказдим. Шу зайлда мен озодликка “Фарғона тонг отгунча” трилогиясининг биринчи қисми билан биргаликда чиқдим.

1955 йил июнининг бошларида мен китоб қўлёзмасини (22 босма табоқ ҳажмида) Ўзбекистон совет ёзувчилари президиумининг собиқ раиси ўртоқ Абдулла Қаҳҳоровга муҳокама учун топширдим. Қаҳҳоров ва Яшин ўртоқлар китоб билан танишиб, унинг камчиликларини кўрсатдилар ва фойдали маслаҳатлар бердилар. Китобда камчиликлар бўлиши табиий. Чунки у ташқи оламдан узилган ҳолда, ўтмиш воқеалари, далиллари яхши ўрганилмаган тарзда, аҳли қаламнинг доно гурунгларидан бебаҳра бир ҳолда ёзилди. Мен Фарғона водийсини кезиб чиқмай, асарда акс этган воқеаларнинг гувоҳи бўлган ёки билган одамлар билан мулоқатда бўлмай туриб, иш хонамда ўтириб олиб китобни меёрига етказа олмайман. Аммо озодликка чиққанимдан кейинги моддий муҳтожлигим мени, таъбир жоиз бўлса, оёқ-қўлларимни кишанлаб қўйди.

Жонажон адабиётимизга хизмат қилиш иштиёқи мени Ўзбекистон ёзувчилари союзи правлениеси президиумига мурожаат этиб, юқорида зикр этилган китобни якунлаш учун ёрдам сўрашга мажбур қилди. Мен Фарғона водийсига бориш учун икки ой муддатли ижодий отпуск беришингизни ҳамда китобни маромига етказиш, издан чиққан сиҳатимни даволаш учун Москва атрофидаги ижод уйига уч ой муддатга йўлланма ажратишингизни сўрайман”.

Романнинг муҳокамасида бўлган гаплар, бу гапларга ёзувчининг муносабати бизга қоронғи. (Тоғам бу ҳақда менга ҳеч оғиз очмаганлар. Яна бир армоним ҳам айнан шунда: тоғамнинг яраларини янгиламай, деб ўтмишдан сўз очишга, нималарнидир сўраб, аниқлаб олишга истиҳола қилардим). Лекин бир нарса аниқки, муҳокама холис бўлмаган. Чунки яқиндагина қамоқдан чиққан ёзувчи ҳали шубҳалар чодиридан буткул қутилмаган эди. Ўша йиллари роман ёзган адиб энг юқори мартабага етган ҳисобланарди. Чунки ёзилган романлар саналадиган бўлса, бармоқлар ортиб қоларди. Ундан ташқари ўзбек адабиётида ҳали ҳеч ким трилогия ёзмаган эди. Жаҳон адабиёти тарихида ҳам бундай ёзувчилар кўп эмасди. Қамоқдан чиқиб келган адибнинг бу маррани эгаллаши бошқа “устун”ларга эриш туюлган бўлиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас. Ҳар ҳолда ўртада шайтон бор, унинг “ҳасад” деган кучли қуроли бор. Ажабки, чумчуқ, мусичанинг... бойқушнинг ҳам қаноти бор, лекин қушларнинг ҳеч бири бургут ёки лочин каби учолмайди ёки бўрон қуши каби ўзини тўлқинларга уролмайди... Нима бўлганда ҳам Мирзакалон Исмоилий Ёзувчилар союзига раҳбарият ўзгаргандан кейин илтимос билан мурожаат этяпти. Муҳокама билан бу ариза орасида бир йилдан ортиқ вақт ўтган. Муҳокамадаги ҳар қандай танқид ижодкорга оғир таъсир қилади. Айримларни бир неча ойлаб, хатто йиллаб ижоддан совутади. Тоғамда ҳам бу ҳол юз берган бўлиши мумкин. Лекин танқидларни бутунлай инкор этиб, асарни шу ҳолда нашр этишни талаб қилмаганлар. Сайқал бериш истагида бўлганлар. Романнинг биринчи китоби дастлабки кўринишда, аризада айтилганидай, 22 босма табоқ бўлса, босилиб чиққанда 26 босма табоқни ташкил қилган эди. Демак, ёзувчи енгил-елпи таҳрир билан чекланмай, кўп қўшимчалар киритган. Асарни яхшилашга қаратилган фикрларни тоғам тартиб билан қоғозга туширган эканлар: юздан ортиқ таклиф!

“1-саҳифа. Бағишлов керак эмас ёки бошқача (жиддийроқ) бўлсин. Бошдаги табиат тасвири узун. 15- саҳифа. Иккинчи боб биринчи боб “кайфияти”ни такрорлайди, қисқартиш керак. 34-саҳифа. “Бир кўзда ҳам ўйин, ҳам ташвиш...” Жумла, тасвир содда, аниқ эмас. Мураккаблик тасвирга ёрдам бермайди. 47-саҳифа. Кулгулик учун ҳақиқатни бузиш: домла қози ҳоким олдига салласиз боролмайди. Тўхтаб, ўзи олиши керак. 108-саҳифа. Қудратни кейинроқ таниймизми? Ҳозирги гапларда ишонтириш кучи йўқ. 109-саҳифа. Яна замонавий ифода: “ўйнаб турган қарталарини...” Айниқса қори айтиши мумкин эмас. Қорининг узун исботи, далили энди ўқувчи учун ортиқча. Умуман қорининг тили ортиқча замонавий. 429-саҳифа. Кераксиз патетика: “Ғаффор нима учун йиғлади?” саволига автордан жавоб... Ғулом охирида кўринсин, ёнаётган бой уйига тикилиб қолсин. Жўрахон билан Тўрахон бирлаштирилсин...”

Ёзувчи муҳокамада билдирилган мулоҳазалар билан кифояланиб қолмаганлар. Душанбеда яшовчи Водуд Маҳмуддан фикр билдиришларини сўраганлар. 1958 йилнинг 9 август куни ёзган хатларида бу сатрлар бор:

“Ассалому алайкум, муҳтарам Водуд ака!

Сизнинг 3 август тарихли мактубингизни олиб ниҳоятда қувондим. Шунчалик илтифот қилганингиз учун миннатдорман.

Сиз мактубингизда санаб ўтган камчиликларни Тошкентдаги бир араб тили ва ислом дини олими ҳам айтган эди. Сизнинг мактубингиз у кишининг мулоҳазаларини тасдиқлаб тушди. Китоб шаклида чиқадиган роман қўлёзмаси нашриётга, яъни босмахонага тушиб кетган, шунинг учун зарур тузатишларни биринчи корректурада киргизишга тўғри келади. Биринчи корректура сентябрсиз чиқмас деб ўйлайман. Унгача яна бошқа мулоҳазаларингиз билан ҳам оғалик қиласиз, деб ишонаман.

Водуд ака, сизга эриш туюлган форсча, арабча сўзларни албатта тузатаман, бу жиҳатдан кўнглингиз тўқ бўлсин. Оятларнинг тўғри ёзилишига, “анбиё”ни “саҳоба” билан алиштириш зарурлигига, иккита гувоҳни тўрттага чиқариш, Ғуломжонни олим ва фозилликдан тушириш кераклигига алоҳида эътибор бераман. Аммо 49-бетдаги шеър сатрларидан биридаги 12 ҳижони қандай қилиб 11га туширишимга ҳайронман. Сиз-ку, танилган шоирсиз, балки ўша фикрни 11 ҳижо билан ифода этишга ёрдам қиларсиз? Менинг бу муомалам салом бериб ўтаётган бир бечоранинг аравасига сўрамасдан чиқиб олган сурбет кишининг одобига ўхшаса ҳам, ҳар ҳолда яна шунга журъат қилдим.

Бир ерда “ҳамшўр” деган сўзга тушунмаганингизни айтибсиз. Наҳотки? “Ҳамдард” қабилидаги сўзлардан бири-ку? Балки ноўрин ишлатилгандиру, Сизга англашилмай қолгандир.

Водуд ака, журналда босилаётган қисмларини номерма-номер ўқиб борсангиз-да, иложингиз ва фурсатингиз бўлса, фикр ва мулоҳазаларингиз билан мени хабардор қилиб турсангиз. Улгурганимизни тузатиб юборардик, бу эса романнинг ҳам маданий, ҳам адабий палласига тош босар эди. Бу бир илтимос. Иккинчи илтимос шуки, агар роман Сизнинг дидингизга ёққан бўлса, уни тожикчага таржима қилиш заҳматини устингизга олсангиз, негаки таржима маҳалида ундаги камчиликларни тузатиб юборишда катта ёрдамингиз тегар эди. Зеро, романда баҳс этилган шахсий ва ижтимоий бахтсизликлар тожик меҳнаткашининг ҳам бошида бор эди.

Салом ва эҳтиром билан Мирзонгиз”.

Устоз қаторида меҳрибонлик қилган Водуд Маҳмуд танбеҳ берган ғазал 11 ҳижога туширилган. Ғуломжоннинг “дилидан ўпирилган фарёд”нинг қоғозга кўчган сатрлари қамоқхонада туғилгани учунми, мен унда ошиқ йигитнинг эмас, маҳкумнинг зорини эшитгандай бўламан:

Кўнгил, йиғла, фиғонинг кўкка чиқсин!
Ўтинг олсин фалакни, осмонни йиқсин!
Ёвуз тақдир тиғ урди қалбима, дод!
Нетай энди тугалди сабрим, ҳайҳот!
Дилим дардли, тилимда оҳу-зорим,
Қарорди толеимдин рўзгорим.
Сафолат бошимни ерга қаратди,
Ширин орзу-умидларни таратди.
Қаён урсам фиғон бирлан бошимни?
Қаён борсам тўкиб кўздан ёшимни?
Севарга севдириб, Тангрим қилиб хор,
Очиқ кетгизмагил кўзимни зинҳор!

Агар аруз санъати талабларига кўра назар солсак, ғазал анча саёз кўринади. Лекин буни комил ва нуктадон шоир эмас, назмга ҳавасигина бор Ғуломжон ёзганини эътиборга олсак, бу даъводан воз кечишимизга тўғри келади.

Асарнинг ёзилиш тарихини ўйлаганимда ёзувчининг иродасига қойил қоламан. Кичкина жуссали бу одамнинг қудратидан ҳайратга тушаман. Тоғамнинг жанггоҳда ёзилган “Озод инсон ҳақида қўшиқ” деган воқеий ҳикоялари бор. Фронт газетасида эълон қилинган бошқа лавҳа ва ҳикояларида ҳам асосан озодлик ҳақида фикр юритилади. Фашизм – қуллик демак. Қул бўлиб яшагунча озод инсон сифатида ўлмоқ афзал, деган ғояни ўзларига байроқ қилиб олганлар. Шундай одам, озодликни ҳамма нарсадан афзал билан одамнинг ўзи бу неъматдан бебаҳра бўлса?! Озодликдан маҳрум бўлган чоғида ҳам тушкунликка тушмай, қўлига қалам олиб она халқи учун меҳнат қилса. Халқнинг озодликка чанқоқлиги, озодлик истаги ва йўли ҳақида асар битса?! Энди ўзингиз ўйланг-а, шундай одам халқнинг душмани бўлиши мумкинми? “Мен ноҳақ қамалдим, мен бесабаб жабр кўряпман”, деб жамиятдан нафратланмай, аксинча, қўлига қалам олиши жасорат эмасми? Баъзан одам машаққатга дуч келса, айниқса ноҳақлик, адолатсизликдан азоб чекса, ўзини йўқотиб қўяди. Тўғри йўл топа олмайди. Онги хира тортади. Аммо Мирзакалон Исмоилий бундай тушкунликка банди бўлиб қолмаган.

Ёзувчи озодликка чиққач, романга сайқал бериш, нашрга тайёрлаш баробарида урушдан илгари бошланган хайрли ишни давом эттирдилар – Лев Толстой асарларининг таржимаси билан шуғулландилар. Урушдан аввал “Тирилиш”ни таржима қилган адиб энди “Анна Каренина” романини ўзбек тилига ўгирдилар. Чехов ва Горкий ҳикояларини, сўнг “Чолиқуши”ни таржима қилдилар. “Фарғона тонг отгунча” романининг иккинчи китоби, сўнг ахлоқий қиссалар, мақолалар... Ёзувчи иродасининг мустаҳкамлиги, меҳнаткашлигининг исботи учун яна қандай мисол керак? Энди: “Хўш, шундай меҳнаткаш одам нима учун романнинг учинчи китобини ёзмади?” деган савол туғилиши табиий. Тоғам бу саволга тайинли жавоб бермаганлар. Лекин суҳбатларидан, қариндошлар орасидаги гап-сўзлардан бир-икки нарсани англаганманким, булар билан китобхонларни ҳам таништириш мумкин, деб ўйлайман.

Аввало, биринчи китобни қамоқда ёзган бўлсалар-да, қолганларини ҳам хаёлда пишитиб чиққанлар. Иккинчи китобнинг охирида келадиган Тўтининг Дилшодга мактуби айнан қамоқхона дафтарига, яна сиёсий машғулот дафтарига ёзилган. 1969 йил, Ёзувчининг олтмиш йиллик тўйларига тайёргарлик арафасида “Гулистон” журнали учинчи китобдан парча эълон қилган. (Юбилей номаълум сабабга кўра бир йил кечикиб ўтказилган.) Мухлислар учинчи китоб билан қизиқаверишгандан кейин 1972 йил 19 мартда Республика радиосига ҳам бир парча бериб мана бу кириш сўзини ҳам илова этганлар:

“Иккита китобни беришга бериб қўйиб, учинчисига келганда сусткашлик қилиш – ёзувчига ярашадиган гапми?”-деб ёзибди китобхонларимдан бири, менга юборган мактубида.

Дарҳақиқат, аввалги икки китобда бир ёқлик бўлмаган, бири у аҳволда, бири бу аҳволда қолган қаҳрамонларнинг тақдирлари китобхонни қизиқтирмай қўймайди албатта. Ёзувчи ҳам қарийб чорак асрдан бери игна билан қазиб келаётган қудуғининг тагига етолмаётганидан доғда. На чора, мева вақти-соати келганда пишар экан. Бадиий асар ҳам шунақадир-да... иқрор бўлишим керак, учинчи китобнинг тезроқ тугалишига ўзим ҳам интизорман. Лекин фақат вақти-соати келгандагина пишадиган бизнинг мевамиз ранг олиб, пишиб қолаёзган бўлса ҳам, минг афсус, ҳали дастурхонга тузалгани йўқ. Шунинг учун ҳурматли китобхонларимга яна бир оз қаноат тилаб, уларга янги китобимдан бир бобини ўқиб эшиттиришларини илтимос қиламан”.

1965 йил 6 октябр куни шогирдлари, таниқли ёзувчи Рустам Раҳмонга Москвадан йўллаган мактубларида бу сатрлар бор:

“...лекин қарибманми, илгариги вақтлардагидек кўп ишлаёлмай қолдим. Тез чарчайман, бошим оғрийди. Лекин, бунга қарамай, кўп иш қилиб қўйдим. Иккинчи китобни тамом қўлдан чиқариб, журналга юбордим. Китобнинг учинчи қисмини бошқалатдан ишладим. Энди яхши бўлди. Тўтиқизнинг Тешабой харамидан ёзган шеърий мактуби ҳам қўшилди. Шу сафаримда учинчи китобнинг ярмини қоралаб кетаман, деган ҳаракатдаман. Декабрда қайтиб борсам, уйда оққа кўчираман. Унгача босиб ишлаш биздан, куч тилаш – дўстлардан...”

Бошқа бир мактубларида бу сатрларни ўқиймиз:

“Ассалому алайкум, Рустамжон, азизим!

Сиздан иккита хат олиб, катта қарзга ботиб қолдим. Вақтида жавоб қила олмаганим учун маъзур кўрасиз. Ростини айтсам, Сиздан хат эмас-у, ҳамиша кулимсираб турган ёқимли чеҳрангиз келди. Худди ўзингизни кўргандай қувондим. Қувонч катта бўлса, уни ҳазм қилиш учун вақт ҳам керак экан.

Телефонда хабар қилганимдек, ишимни шу ой охирларида тугатиш умидида эдим. Лекин ўртада афсус ейдиган бир иш чиқиб қолди. Ой бошларида Ўзбекистон ёзувчилар союзининг илтимоси билан Вильнюсга, Литва адабиёти классиги Доналайтиснинг 250 йиллик тантанасига бориб, бир неча ғанимат кунлардан ажралдим. Бунинг устига Вильнюсдан қайтганимдан кейин, иш суст кета бошлади. Бу ҳам сабабсиз эмас, албатта. Аввало, қаттиқ чарчаганман, қолаверса, қайтар куним яқинлашгани сиқилган юрагимни ўйнатиб қўйди. Ўзингиз ўйлаб кўринг, темир йўл билети чўнтагингда бўлса, 28 январда жонажон шаҳрингда севгили болаларинг, азиз дўстларинг даврасида ўтириш бахти турса, қанақа иш юришади? Келинг, чаласи Тошкентда битар...”

Биринчи китоб қўлёзмасининг муҳокамасидан то китоб дунё юзини кўргунига қадар уч йилдан ошиқроқ вақт ўтди. Асар энг кам нусҳада – 15 мингта босилди. Ҳолбуки, бошқа асарлар муҳокама қилинган йилиёқ 60 минг нусҳада босиларди. Гарчи кам нусҳада босилган бўлса-да, шуҳрати ҳавас қиладиган даражага етди. Китоб муҳибларининг айтишларича, “Ўтган кунлар” романидан кейин ҳеч бир асар бу каби суюб ўқилмаган экан. Демак, учинчи китобнинг ёзилмаслигига бошқалардан хафалик сабаб бўлган, деган тахминни рад этсак ҳам бўлади. Тўғри, хафаликлар ҳам бўлган. Масалан, Мирзакалон Исмоилий ҳаёт эканларида асарлари

мажмуасини нашр эттириш орзуси билан яшаганлар. Кимларнинг кўп тўмликлари чиқмади, дейсиз? Аммо Мирзакалон Исмоилий учун бу йўл тақа-тақ берк эди. Ёзувчи мукофотлар олиш ёки унвонга эга бўлишни орзу қилмасди.

1983 йилда адиб Ёзувчилар союзига мурожаат этишни лозим кўриб, аризани ёза бошлаганлар:

“Мана, ниҳоят, шу йил октябрнинг ўн бешида 75 ёшга тўламан. Шу муносабат билан юбилейим қилинса, бадиий асарларим “Танланма” ё “Тўпланма” шаклида махсус нашр этилса, шундай ёруғ кунни қаноат билан кутиб келаётган мен каби мушфиқ оқсоқолга катта илтифот бўлармикин, деб ўйлайман. Агар элликка, олтмишга, борингки, етмишга тўлганимда ҳам менинг на “Танланма” ва на “Тўпланма” асарим нашр этилмаганини ҳисобга олинса, бошим осмонга етар эди.

Мен истардим, асарларим беш томда чоп этилса...”

Ариза шу ерда тўхтатилган, сана ҳам қўйилмаган, имзо ҳам чекилмаган. Ёзишни бошлашга бошлаб қўйиб, аввалги муомалалар эсларига тушган бўлса, умид юлдузлари сўниб қўя қолгандир. Вафотларидан бир неча ой олдин қўлтиқларига кириб, нашриётга бошлаб бордим. “Кўп томлик масаласида неча йиллардан бери мени алдаб келасизлар. Олдин Рашидовдан қўрқардинглар, унинг ўтганига ҳам анча бўлди. Энди кимдан қўрқасизлар? Саволимга жавоб излаб овора бўлманглар. Сизларни қийнамаёқ қўя қолай. Сизлардан битта ўтинчим бор: мен таржима қилган “Тирилиш” романи қамоқдалигимда бошқа кишининг номида нашр этилган. Шу хато тузатиб, ўзимнинг номимни тиклаб чиқариб берсанглар, ўлсам ҳам кўзим очиқ кетмасди...”

Шу гапдан кейин ҳам адолат тикланмади. Ёзувчининг илтимоси ерда қолди. Ўша куни нашриёт даҳлизида Шароф Рашидовнинг укаси Асил Рашидовни учратдик. Тоғам у киши билан кўришиб, “орадан анча вақт ўтган бўлса ҳам, таъзиямни қабул қилинг, акангиз жуда яхши одам эдилар”, дедилар. Назаримда Рашидов тоғамга қаршилик қилмаган бўлса керак. Етмишинчи йилларнинг охирида эди шекилли, уйларига борсам, Рашидовга хат ёзиб ўтирибдилар. “Кеча бир мажлисда Рашидов тепада, мен пастда эдим. Менга кўзи тушиб “Мирза ака қариб қолибдилар, аҳволларидан хабар олиб туринглар” , дебди. Яшин шу хатни ёзинг, деб маслаҳат берди. Ўз қўлига етказиб бераркан”, дедилар. Бу хат ёзилгандан кейин бир неча йил вақт ўтди. Акс-садо бўлмади. Кейин маълум бўлишича, Яшин хатни столи ғаладонига ташлаб қўя қолган экан. У киши ишдан кетгач, янги раис тоғамни йўқлаб чақирдилар. Оқибатда “Санъат арбоби” деган унвон берилди...

Бир куни уйимизда учинчи китоб ҳақида сўз очилганда аямнинг “Тоғанг учинчи китобни ёзмайман, шунча меҳнат қилиб рўшнолик кўрмадим”, дедилар. Тоғангинг иродасини уруш буколмаган эди, қамоқ буколмаган эди, хорлик, қадрсизлик букди”, деганларини эшитиб, бунга ишонган эдим. Қадрсизликни инкор этмаганимиз ҳолда, буни учинчи китобни ёзмаганларига сабаб, деган тахминдан юз ўгирамиз. Чунки бу ёзувчи аразлайдиган тоифадан, бошқача айтсак, “бургага аччиқ қилиб кўрпа куйдирадиган”лардан эмасдилар.

Олтмишинчи йилларнинг бошларида Республка радиосининг “Ёшлик” таҳририятида Рустам Раҳмон, Саъдулла Сиёев ишлашарди. Улар Мирзакалон Исмоилийни таҳририят ишларига тортишди. Шу тариқа ёзувчининг ахлоқ-одоб мавзуидаги суҳбатлари бошланиб, бу эшиттиришлар катта шуҳрат қозонди. Мактуб кўп келарди. Тоғам хат ёзишга улгуролмас эдилар. Ёзув столлари доно маслаҳатга муҳтожларнинг мактублари билан тўла бўларди. Бу мактубларнинг айримларини кулиб, баъзиларини ғазабга тўлиб ўқиб берардилар. Халққа одоб мавзуида гап айтиш учун киши аввало маънавий ҳуқуққа эга бўлиши лозим экан. Покизалик ҳақида гапирувчи одамнинг ўзи покиза бўлибгина қолмай, ифлосликка қарши кураша олувчи қудрат соҳиби бўлиши керак экан. Бирор кимсага “Сен виждонли бўл!” демоқдан аввал ўз виждонига қараб олмоғи лозим экан. Бирон бир ёшга “Тўғри йўлдан юр”, дейишдан олдин ўзи босиб ўтган йўлга қараб олиши зарур экан. Кишига ана шундай маънавий ҳуқуқ зарурлигини ўзим ҳам кейинроқ англаб етдим.

Радио орқали олиб борилган ахлоқ мавзуидаги туркум суҳбатлар ноширларда китоб чиқариш фикрини туғдирди. “Ўзбекистон” нашриётининг таклифи билан “Инсон ҳусни” деган китобча юзага келди. Китобча жуда тез тарқалди, ўқувчилар эътиборини қозонди. Орадан кўп ўтмай, бу мавзу тўлдирилиб, “Одамийлик қиссаси” юзага келди. Мухлислар орасида тоғамни “маънавий отам” деб ардоқловчилар кўпайди. Тоғамнинг вафотларидан икки ой ўтгач, бир аёл менга учрашиб, қаерга дафн этилганларини сўради. “Мирзакалон Исмоилийнинг ўзларини кўрмаганман, лекин китоблари орқали мен у кишини ўзимнинг “маънавий отам”, деганман. Вафотларидан энди хабар топиб, келяпман. Вақтида билганимда қизлари қаторида туриб видолашган бўлардим”, дегач, уни қабристонга ўзим бошлаб бордим. Аёл қабристон дарвозасидан ўтибоқ йиғлаб юборди. Худди ўз отасиинг зиёратига бораётгандай бўзларди. Қабр тепасида ҳам шундай бўлди...

Тоғам ахлоқ-одоб мавзуига бутунлай берилиб кетдилар. Радиодаги суҳбатлар, матбуотдаги чиқишлардан ташқари мактуб йўллаган мухлисларига иложи борича жавоб қайтаришга уринардилар. Мухлисларнинг айримлари ёрдам сўрарди ёки маслаҳатга муҳтожлигини айтарди. Ёрдамга муҳтожларнинг ё отаси-онасига, ё ўзи ўқийдиган факультет деганига... хат ёзардилар, ёшларнинг мушкулини осон қилишларини сўрардилар. 1976 йили Ўш вилоятининг Жалолобод шаҳридан бу хат йўлланган:

“Ассалому алайкум, ҳурматли домла. Бу хатни қўлингизга олганда ҳар бир нотанишнинг хати сингари таажжубланаётгандирсиз? Ҳа, таажжубланишга ҳақлисиз, албатта. Чунки мен бирон маротаба ё хат орқали ё тик сиз билан учрашмаганман. Мен фақат сиз билан китобларингиз орқалигина танишман. Ҳурматли домла, китоблар ичида сизнинг “Одамийлик қиссаси” китобингиз барча китоб шинавандалари сингари менга ёқди. Мен сизнинг шу китобингизни ўқиганимдан кейин, баъзи бир дугоналарим билан биргаликда бир қанча ҳаётий саволларга тўхталдик ва шуларни ҳам билмоқчи бўлдик. Бу хатда буни сизга маълум қилмадик, чунки шу хатимизга жавоб ёзиб, оз бўлса-да, бизга вақт ажрата олишингизни маълум қилсангиз, биз кейинги хатимизда батафсил, тутилмайроқ ёзишга келишдик. Барча тенгдошларим номидан завод ишчиси Алишерова Майрамхон”.

“Қизим Майрамхон, ассалому алайкум!

Қаранг, шу йил 14 майда юборган хатингиз ёзувчилар союзида ётиб қолибди. Бугун олдиму жавоб ёзишга ўтирдим. Майрамхон, китобим Сизга, дугоналарингизга ёққан бўлса, бу менинг учун катта мукофот. Демак, узоқ вақтлар тинмай қилган меҳнатим зойи кетмабди. Қаранг-а, Майрамхон, июннинг 21-22 кунлари Сизнинг гўзал Жалолободингизда, бир қариндошимизникида эдим. Билсак ўша ерда кўришар, саволларни ҳам бирга-бирга ҳал қилишар эканмиз. Аттанг! Шундоғ бўлсин, Майрамхон қизим, қанча, қанақа саволлар туғилган бўлса ёзинг. Ҳаммасига қадри ҳол жавоб бераман. М.Исмоилий. 30.06.76”.

Яна бир хат алоҳида эътиборга молик экани учун, узунроқ бўлса ҳам тўла баён этишни лозим кўрдик:

“Ассалому алайкум, сиз ҳурматли шоиримиз Мирзакалон Исмоилий!

Мен сизнинг ёзган китобларингизни зўр қизиқиш билан ўқиб келмоқдаман. Яқинда “Одамийлик қиссаси” деган китобингизни олиб ўқиб, хурсанд бўлдик. Сиз тўғри ёзибсиз шу китобни. Шу китобда бизларнинг номимиз ҳам бор экан, раҳмат сизга. Мен бу китоб асосида хат йўллайман. Сиз Тошмурод бобо тўғрисида кўп фикр ёзибсиз. Мен шу бобо тўғрисида озгина бўлса ҳам ёзиб юбормоқни лозим топдим. Тошмурод бобо 1950 йиллари Оқдарё қишлоғига иш ахтариб келган эди. Шу пайтда ёши 85га кирган бўлса ҳам у киши бардам-бақувват эди. Тошмурод бобо томорқамизда ишлаб икки халта дон олди. Сўнг отам билан маслаҳатлашиб, қишлоғимизга кўчиб келиб Мусаллам хола, қизи Муқаддас ва 7-8 ёшли Қаршивой ўғли билан бирга бир кулбада яшай бошлади. Қиш чиқиб,кўклам келгач, Абдулла акамлар ертўла қазиб, кулбахона қилиб беришди. Улар кўп йиллар кулбахонада яшашди. Сўнг ўзлари ғишт қуйдириб, янги уй қуриб олишди. Бобо оиласини боқиш учун ўтинфурушлик, чўпонлик қилар эди. Болалари улғайиб, вояга етишди. Қизлари турмушга чиқиб кетишди. Қаршивойга хотин олиб беришди. Тошмурод бобо йилдан йилга қариб, кўзи ўтмай, ўзи нимжон бўлиб қолди. Муқаддам ва Қаршивой бошқа отадан экан. Қаршивой отани менсимас эди. Бир куни бобо чой ичиш маҳали унга ҳазил гап айтдилар. Қаршивой ҳазилга жавобан отасига бир олайиб қараб: “сенинг кўзингга кўрсатаман!” деди. Қаршивой қиморвозлик қиларди, отасига қарамас эди. Бир куни борган она-бола менга “бобонг сизларникига меҳмонга бормоқчилар, яхшилаб меҳмон қил”, дейишди. Мен у пайт ҳали уйланмаган эдим. Бобо бизникида уч ой турдилар. Кўкламга чиқиб, “бобо келсинларми?” десам, “Йўқ!” дейишди. 1964 йили мен ҳарбий хизматга кетдим.Уч йил деганда қайтдим. Рўза пайти эди. Бобо юз ёшга етган бўлса ҳам рўза тутаркан. Бир куни бобо таҳорат оламан, деб ҳовлига чиқиб, уйга қайтолмай адашиб, оқ иштон, оқ кўйлакда кўчага чиқиб кетибди. Қаҳратон қиш эди. Овозларини эшитиб, у кишини уйга қайтардик. Қаршивой чиқиб хабар ҳам олмади. Бобо юз уч ёшга кирган пайти эди. Рўзани очаман, деб бир қултум сувни юта олмай, юраги уришдан тўхтабди. Муллахўжа қишлоғи халқи 4-5 сўмдан пул йиғиб, Тошмурод бобони дафн қилди. Қаршивой ҳаялламай, уйни сотиб, кўчиб кетди. Онаси билан кичик синглисини ташлаб кетди. Сиз ёзган Тошмурод бобо тақдири шундай тугади.

Ҳурматли редактор ходимлар, менинг бу арзимас хатимни Мирзакалон Исмоилийга йўллангизлар, деб илтимос қиламан. Шоназар Саломов, Самарқанд область, Оқдарё район, Ленин номидаги колхоз, 11-бригада”.

“Ҳурматли иним Шоназар, ассалому алайкум!

Шу йил август ойида менга бир мактуб йўллаган экансиз. Кўп раҳмат. Лекин мактубингиз шу бугун қўлимга тегса-я!

“Одамийлик қиссаси” номли китобимни ўқиб, Тошмурод бобо, Абдулла ака, Эркин Ҳожиқурбоновлар ҳақида, ўзингиз ҳақингизда ҳам батафсил хат йўллаганингиз бошимни осмонга етказди. Ёзувчи бирон одамни қаламга олса, уни ҳеч қачон эсдан чиқармайди, тақдирига ҳам бефарқ қолмайди. Мен Қаршивойнинг бетамизлиги, Тошмурод бобонинг шўри-андуҳи ҳақида бирон хабар эшитсам, деб орзу қилар эдим. Мактуб қанчалик оғир бўлса ҳам Сиз мени бир мунча тинчитдингиз, раҳмат.

Иним Шоназар, қани энди Қаршивой сингари бетамиз ўғиллар, қари отасига қарашдан қочган номардлар, текинхўр аблаҳлар уруғи қуриб, юздан ошса ҳам ўз номини меҳнатдан топган марҳум Тошмурод бобо сингари ҳалол инсонларгина қолса дунёда! Яхшилар орзу қилган ана шундай пайт ҳам келар бир кун. Лекин ўзи келмайди у пайт. Уни келтириш керак. Келтириш учун эса юзи қора, худбин, батарин қаршивойларга қарши тинмай курашмоқ лозим!

Шоназаржон, Тошмурод бобо ҳаётлигида унга ёрдам қўлини чўзган, вафот этгандан кейин эса дафнига қадрҳол кўмакда бўлган ҳамқишлоқларингизга, у олижаноб инсонларга мендан беҳад миннатдорлик билдириб, Абдуллажон, Эркинбой ва бошқа яхшиларга саломимни етказсангиз. Менга ғойибона таниш ҳамқишлоқларингиз, қариганда жафо чекиб ўтган Тошмурод бобо тақдири ҳақида батафсил мактуб ёзишдан эринмаганингиз учун ўзингизга раҳматлар айтаман. Фарзандларингизга, умр йўлдошингизга, ўзингизга сиҳат-саломатлик, фақат бахт, қувноқлик тилаб қоламан.

Салом ва эҳтиром билан, М.Исмоилий.

Тошкент, 1975 йил,12 октябр”.

Мухлислар ёзувчининг турар жойини билмаганлари учун мактубларини ё таҳририятга ёки ёзувчилар уюшмасига йўллардилар. Табиийки, турли сабаб билан мактублар ёзувчининг қўлига вақида етиб келмас эди. Шу боис, жавоб хатларининг охирида адиб турар жойларини, ҳатто телефонлари рақамларини аниқ кўрсатишдан эринмас эдилар. Бу муҳлисларга бўлган ишонч ва муҳаббатларининг рамзи эди, десак, янглишмаймиз.

Ахлоқ-одоб мавзуига бутунлай берилганлариданми, йирик асар ёзиш фикридан узоқлашдилар. Мен дамба-дам романнинг учинчи китобини эслатардим. Аммо тайинли жавоб ололмас эдим. Ёрдам берай, бирга ёзайлик, дейишга журъат этмасдим...

Учинчи китоб ҳақида яна сўз очганимда “Тўхта, бошқа нарса хаёлимга келди. “Бизнинг роман”ни давом эттирсам-чи?” деб қолдилар. Тоғамнинг ўсмирлар тарбияси муаммолари жиддий равишда ташвишга солаётган эди. Бунга кичик тоғамнинг азамат ўғлини ўртоқлари уриб ўлдириб қўйиши сабаб бўлса керак. Жиян бўлмишнинг дафн маросимида ёзувчининг фарёдлари, суд жараёнидаги изтироблари ҳали-ҳали ёдимда. Сиҳатларининг нобоплигига қарамай, ишга киришдилар. Болалар ахлоқ тузатиш меҳнат колониясига бордилар. Биз ҳар куни ё кўришардик ё телефонда гаплашардик. Тоғам эринмай ҳисоб берардилар: “Шунча бет ёздим, шунчасини машинкада кўчирдим. Шундай яхши фикр келди хаёлимга, эртага қоғозга тушираман...” Иш билан банд эканликларида хасталик узоқлашгандай бўлди. Орадан ойлар ўтиб, “Ўзингдан кўр” деган ахлоқий қисса юзага келди. Бу ёзувчининг сўнгги асари эди. Тоғам бу китобларини кўролмай кетдилар.

Асар якунига етиб, нашрга топширилгач, касаллик яна тез-тез хуруж қила бошлади. Шунда “Фарғона тонг отгунча”нинг учинчи китоби ҳақида сўз очиб, таклифимни айтдим. “Ҳа, шунақа қарзим бор. Сен ёрдам берсанг ёзаман... Фақат биринчи, иккинчи китобларни топиб кел. Кўп нарсалар хаёлимдан кўтарилди”, дедилар. Иккита китобни топиб, олиб бордим. Ҳеч унутолмайман: тоғам китобларни худди синиб кетадиган нозик чиннидай эҳтиётлаб олиб, стол устига қўйдилар. Кейин мадорсиз қўллари билан худди гўдак бошини авайлаб силагандай, китоб юзини силадилар. Менга қараб-қараб қўйдилар-да, кейин “Шуни мен ёзганманми, а?” дедилар. Бу савол замирида ҳам фахр, ҳам ўкинч бор эди. Ўшанда тоғамнинг кўзлари намланганини сездим. Кейин-кейин ўйлаб қарасам, “йиғлаб-йиғлаб топган болалари” билан видолашаётган эканлар. Мен нодоннинг бу ҳақиқатга ўша пайтда ақлим етмабди…

Мен сафарга, тоғам тўрт йил жанг билан борган шаҳарга – Берлинга жўнашим керак эди. “Қайтгунимча ўқиб қўйсангиз, ишни бошлаб юборардик”, дедим. Мўлжалим: тоғам асосий воқеалар баёнини берсалар, қолганини қўлимдан келганича қоғозга туширмоқчи эдим. Воқеа содир бўладиган жой аниқ – Фарғона водийси, асосан Андижон атрофлари. Вақт аниқ – ўн еттинчи йилнинг феврал ва октябр тўнтаришлари оралиғидаги саккиз ой. Қаҳрамонлар ҳам аниқ. Ўша даврни, олатасир замонни ҳам яхши ўрганганман. Мана шулар менга далда берди.

Аммо ўйлаганларим рўёбга чиқмади. Қайтгач, тоғамни шифохонада ҳушсиз кўрдим.

Учинчи китобнинг ёзилмаганига яна бир асосий сабаб бор, деб гумон қилардим. Мустақиллик офтоби қалбларни ёритгач, гумоним ҳақиқатга айлангандай бўлди. Асар, Асқар Қосимов тўғри таъкидлаганидай, Чўлпоннинг “Кеча ва кундуз” романи таъсирида ёзилган. Буни ёзувчининг ўзлари ҳам инкор этган эмаслар. Унга “Фарғона тонг отгунча” яъни “Кеча…” мазмунида ном қўйилиши ҳам шундандир. Романнинг дастлабки саҳифаларини эслайлик: ёзувчи Қорабулоқ манзараларини қандай меҳр билан тасвир этади. Сўнг қаҳрамони Ғуломжон номидан: “Жаннат, жаннат дейишади-ю, жаннат деганлари Қорабулоғимиздан яхшимикин?” дейди. Энди тасаввур этайлик: қамоқ азобида турган ҳолда болалик дамлари ўтган Андижоннинг Булоқбошисини қандай қўмсаш билан ёздилар экан бу тасвирларни...

Ёзувчи ўн еттинчи йил арафасидаги Фарғона вилояти ҳаётини тўғри акс эттирганлар. Ҳозирги кунда тарихни қайта кўриш жараёнида баъзан бирёқламаликка йўл қўйиляпти. Яъни, “ўн еттинчи йилгача ҳаёт яхши эди, кейин ёмон бўлди”, деган фикрлар ҳам учраяпти. Тарихни қоралаш касалидан қутилиш қийин кечяпти. Ахир яхшими, ёмонми ўтмиш – бизники, ўтмиш – ота-боболаримиз ҳаёти демак. Шундай экан, ҳуда-беҳудага қоралайвермасдан холис баҳо беришни ўзимиз учун қоида қилиб олсак чакки бўлмас эди.

Йигирманчи аср бошларида меҳнаткашнинг аҳволи оғир эдими? Ҳа, оғир эди. Ўша даврда яшаб, ижод этган зиёлиларнинг, маърифатпарварларнинг асарларини эслайлик. Йиғлаб ёзилган сатрларни яна бир қайта ўқийлик. “Ўтган кунлар”, “Меҳробдан чаён” романларида тасвир этилган фитна-фасодлар бу даврга келиб авж олмадими? Халқ жоҳиллик ва камбағаллик ботқоғида азоб чекмадими? Зиёлилар халқни ғафлат уйқусидан уйғотиш учун ҳаракат қилмадиларми? “Фарғона тонг отгунча” шулар ҳақида эди. Аммо ёзувчи аввало қамоқ шароитида, сўнгра давом этган таъқиблар даврида барча ҳақиқатни очиқ ёза олмас эдилар.

Бир куни тоғам “Сен жадидлар ҳақида каттароқ асар ёзсанг бўларди”, дедилар. Мен “Бу ҳақда ёзганим билан чиқаришармикин?” деганимда ўйга толиб: “Сен уларнинг ҳаётларини ўрганавер. Ёзадиган, нашр этадиган вақт келади”, деган эдилар.

Ўзлари вақтида айтолмаган гапларини менга вазифа қилиб қўйганларини кейинроқ тушундим. Асар чиққан пайтда ёлғонлиги унча сезилмаган саҳифалар, хусусан, рус ишчилар синфи вакилларининг ўзбек меҳнаткашлари синфий онгининг шаклланишидаги хизматлари баён этилган саҳифалар энди ўқувчи ғашига тегиши мумкин эди. “Виждон қули, ирода беги бўл!” деган ўз ақидасига содиқ яшаган ёзувчи асарнинг шу ўринларида чекинганмилар? Иродалари заифлашганми? Балки... тирик жон... бегуноҳ – Парвардигор... Лекин тушуниш керак: бу баёнлар бўлмаса асар нашр этилмас эди. Ойбек домланинг “Қутлуғ қон” романлари бошига ҳам шудай кун тушган экан. Асар қўлёзмаси муҳокамасида ёзувчи рус ишчилари образини тасвир этмаганликда айбланган экан. Шундан сўнг Йўлчини тарбия этувчи рус ишчиси образи пайдо бўлган экан. Мирзакалон Исмоилийнинг вафотларидан сўнг “Фарғона тонг отгунча” “ХХ аср ўзбек романи” туркумида қайта нашр этиладиган бўлганда мажбуран қўшилган саҳифаларни қисқартириш нияти туғилди. Кейин ўйлаб қолдим: бу иш аввало ёзувчи меҳнатига беҳурматлик бўлади. Қолаверса, доно, фаросатли ўқувчи қаер чин, қаер ёлғон – ўзи ажратиб олади, деган тўхтамга келдим. Бундан ташқари, зийрак китобхон асар ёзишдаги ёзувчининг заҳматини хис қила олади.

Хуллас, феврал ва октябр тўнтаришлари орасидаги воқеалар тасвирида энг кўп ёлғон ишлатиши лозим бўларди. Чунки совет тарихчилари айни шу даврни уйдирмалар билан безаб-бежашган эди. Тоғам эса бу даврни ўз кўзлари билан кўрган эдилар. Биринчи ва иккинчи китобда мажбуран ёзилган саҳифалар сонини оширишни лозим кўрмай, ишни давом эттирмаганлар. Агар ёзувчи бугунги кунларимизда яшаганларида, шубҳам йўқки, учинчи китоб ёзиларди. Ёзилганида ҳам ҳақиқат йўлида, ажойиб тарзда ёзиларди.

Тоғамнинг вафотларидан кейин зиммамда бир қарз сезиб “учинчи китобни ўзим ёзишга ҳаракат қилсаммикин?” деб устоз Пиримқул Қодировдан маслаҳат сўрадим. “Ёзманг, лозим топсалар Мирза акамнинг ўзлари ёзган бўлардилар”, дедилар. Тўғри маслаҳат берган эканлар. Ёзишга уннаб кўрган тақдиримда ҳам, воқеалар баёнини улай олганимда ҳам улуғ адибнинг услубини сақлай олмасдим, айниқса тил гўзаллигини беришда қаламим ожизлик қилиши тайин эди.

Дарвоқе, тил... Бу борадаги маҳоратларини кўпчилик Абдулла Қодирий, Чўлпондан кейинги сафга қўярди. Чиндан ҳам ифодадаги гўзаллик бетакрор эди. Лекин, иккинчи китоб чиққанда бир-икки ёш адабиётшунослар айнан шу гўзал ифодаларни “бекорчи жим-жима”га йўйиб танқид қилдилар. Улар жаҳон ва рус мумтоз адабиёти намуналарини эмас, совет ишчи-ёзувчиларининг хом-хатала асарларини ўқиб илм олган бўлсалар керак. Цвейгни, Диккенсни, Толстойни, Тҳакурни ўқиган одам қаҳрамон руҳиятини очишдаги бадиий тасвирни инкор этмаган бўларди. Ўрни келганда шу тасвирлардан баҳраманд бўлайлик:

“Ғуломжон онасининг нимага йиғлаётганини, нимага бетоб бўлганини билади. О, бола шўри нақадар даҳшатли зарбаки онага! Жигаргўшасининг бахти қоралигини кўрганда – она дили ҳамиша қон, юзи заъфарон! Мана, иззат тўшагида пийрона чеҳрасидан бахт нурларини тўкиб ўтириш ўрнига мусибат кўрпасини дилпора бўлиб ётибди!..

...Ғуломжон тилга олинмаган, лекин ҳаммалари тушуниб турган даҳшатли зарбанинг оғир юкини ҳужрасига кўтариб кирди...”

“Жамолиддин мулойим кулди. Бу кулгида ҳам Фосиҳ афандининг юзига тортилган шапати қарси бор эди”.

“Илон тилида заҳар бўлмаса, уни ҳамма севиб қўлга олган бўларди. Афсуски, пўстининг ялтироқлиги ҳеч кимни илитмайди...”

Бундай мисолларни юзлаб келтириш мумкин. Эҳтимол, ёзувчи айрим сатрларда бўёқни қуюқлаштириб юборгандир. Тоғамнинг асарлари камчиликлардан мутлақо ҳоли, деган даъводан узоқман. Бадиий асарга нисбатан кишиларнинг диди бир ҳил эмас. Кимгадир жимжима ифодалар ёқади, кимгадир қуруқ тафсилот. Бу жиҳатдан баҳслашиш ноўрин. Лекин, менингча, сувоқ қилинмаган хонада ўтиргандан кўра, нақшлар билан безтилган уйда яшаган ёқимлироқ бўлса керак.

Бу кунларда ёшлар ижодига кўзимиз тушганда ифодаларида сеҳр-тароватни кўрмай бир оз афсусланамиз. Қаҳрамоннинг ички дунёси, табиат тасвирлари уларнинг диққатидан четда қолиб, фақат воқеалар баёнига бериладиган бўлиб боряптилар. Илгарилари “адабиёт” атамасига “нафис” сифати қўшиб айтиларди. Афсуски, ҳозир шу нафисликдан узоқлашяптилар. Бунинг асосий сабаби шошма-шошарлик, тезроқ китобни чиқариш ҳаракати бўлса, иккинчиси ўша адабиётшуносларнинг ҳамфикрлари кўпайиб қолгани натижасидир. Бизнинг халқимиз лутфни, нафисликни, гўзал ифодаларни севади. Булардан бебаҳра, таъбир жоиз бўлса, “қуруқ” асарларнинг умри қисқа бўлади. Агар ёшларга насиҳат қилишга ҳаққим бўлса, Қодирий, Чўлпон, Исмоилийга ҳос гўзал ифодаларни қунт билан ўрганиб, ўрганганларингизни асарларингизга олиб киринг, деган бўлардим.

Шу ўринда яна бир изоҳ лозим: ўтган йили бир киши менга мактуб йўллаб, ёзувчилар “дин устидан куладилар”, деб эътироз билдирибди ва бир қатор ёзувчиларнинг асарлари қаторида “Фарғона тонг отгунча”ни ҳам тилга олибди. Мен бу масала бўйича бир неча марта фикримни баён этганман. Такрор бўлса-да, яна таъкид этишга мажбурман: азизлар, бошқа ёзувчилар сингари Мирзакалон Исмоилий ҳам динни ҳақорат қилишдан узоқлар. Динга тош отишдан ҳар бандани Аллоҳнинг Ўзи сақласин! Ёзувчилар диндор либосидаги, қилмишлари динга зид бўлган айрим жоҳил, мутаассибларни ҳажв қиладилар. Ахир диндорлар орасида ҳам турли-туман одамлар бор. Тақво эгаларини, нафсига зулм қила олувчиларни, уламоларни ҳар бир ёзувчи эъзозлайди. Билиб-билмай фатво берувчи, дарди тугун ва тугун учига тугилган пулда бўлган, Ислом илмидан узоқ одамларни эса камчиликларини ёзадилар. “Фарғона тонг отгунча”да ҳам шундай қилинган.

Кунларнинг бирида, ҳали жуда ёш эканимда машқ тарзида ёзилган навбатдаги ҳикоямни ёзиб, тоғамга ўқиб бердим. Ҳикоя қаҳрамони – боксчи йигит бувисининг гапига кириб рўза тутади ва оқибатда мусобақада ютқизиб қўяди. Одатда тоғам ёзганларим билан танишгач, асарни яхшилаш йўллари ҳақида гапириб, тилни таҳлил қилиб, камчилигини кўрсатар эдилар. Бу сафар ундай бўлмади. “Сен динни билмайсан, диний одатларни ёмонлаб ёзма”, деб гапни калта қилиб қўя қолдилар. Ёзув столларида биргина чала иш қолди. Аниқроғи, бу иш ҳали бошланмаган эди. “Қизлар дафтарига” китоби чиққач, яна хатлар олдилар. Шундан сўнг бир куни “Йигитларга ҳам айтадиган гапларим кўп экан”, деб “Буниси сизларга, йигитлар!” деган китоб ёзиш ниятлари бор эканини айтдилар.

Ахлоқий қиссаларга, мақолаларга, суҳбатларга кўп ҳолларда мактублар асос бўларди. Ахлоқий китоблардаги воқеалар тўқиб чиқарилган эмас. Ундаги айрим воқеаларга мен ҳам гувоҳ бўлганман. Қариндошлар, таниш-билишлар оилавий можароларни тоғамсиз ҳал этишмас эди. Бу можароларга аралашиш, муросага келтириш ёзувчига руҳий азоб берарди. Қариндошлардан бирининг қизи аразлаб, қайтиб келган экан. Узоқ йўл юриб бориб, жияннинг қайнотасига учрадик. Қайнота ичишни яхши кўраркан. Биз борганимизда ҳам ширакайф эди. Келиндан, яъни тоғамнинг жиянларидан нолиб, уни ёмонлаб, “кийимларимни ювиб бермайди”, деб, даъвосининг исботи учун иркит кўрпача остидан иштонини олиб, тоғамнинг олдига ташлади. Тоғамнинг баъзан ўзларини тутолмай, кескин гапириб юбориш одатлари ҳам бор эди. Мен бу нодон қайнотанинг кўнглини оғритиб, масалани янада чигаллаштириб қўймасалар эди, деб ҳавотирландим. Лекин ўзларини тутдилар. Кўзларини мўлтиллатиб, худди “бу аҳмоқдан қутқар”, дегандай менга қарадилар. Бунақа одамни фақат дўппослаб уриб, тинчитиш мумкин эди. У тинмай жаврайверди. Тоғам сабр билан ўтиравердилар, аммо менинг тоқатим етмади. Чиқиб кетдим. Ярим соатлардан кейин қайнота тоғамни кузатиб чиқди. Сал кайфи тарқаган шекилли, гапи оҳанги ҳам ўзгарибди. “Келиним ёмон бўлса ҳам сизнинг ҳурматингиз бор, ўғлимга айтаман, бугун бориб олиб келади”, деб ваъда берди. Ўзи майхўр, қилиқлари хунук бўлса ҳам, тоғамга берган ваъдасини бажарди.

Жияннинг бу бахти ниманинг эвазига қўлга киритилганини менгина биламан. Бундай ва бунданда баттар ҳоллар тез-тез бўлмаса ҳам учраб турарди. Хотини кетиб қолган бир ёш ёзувчи қайнонасига тоғам билан Шуҳрат домлани рўпара қилибди. У хотин буларнинг ёзувчилиги у ёқда турсин, оппоқ сочларини ҳам ҳурмат қилмай, ҳайдаб солибди...

Бундай можаролардан кейин тоғамнинг аччиқланганларини сезиб турардим. Аммо бу оддий аччиқланиш эмас, юракни темир тирноқларида тирновчи азоб экан. Бундай пайтларда тоғамни чалғитишга ҳаракат қилардим. Тоғамнинг нимага қизиқишларини яхши билардим. У киши боғбонликни хуш кўрардилар. Қибрайдаги қаровсиз, тошлоқ жойнинг бир бўлаги тоғамга ҳам дала-ҳовли учун берилганди. Тошлоқда бир туп гул ўстириш ҳам мумкин эмасди. Тоғам тупроқ тўкдириб, шу ерларни обод қилдилар. У ерга одам олиб чиқиб ишлатганларини кўрганим ҳам, эшитганим ҳам йўқ. Қариликларига қарамай у ёққа йўловчи автобусларда борардилар, ўзлари ишлардилар. Бир термосда чой билан нон ҳамроҳлари бўларди...

Бирон можаро таъсиридан ранжиб ўтирганларида мен ўша боғдан гап очардим. Шунда тоғам бутунлай ўзгарардилар. Эккан дарахтларини таърифлаб кетардилар. Вафотларидан икки-уч йил олдин ярим асрдан ошиқ умрлари ўтган Дархондаги уйлари бузиладиган бўлди. У ерга ҳар куни борардилар. Йиғлаб-йиғлаб қайтардилар. Айниқса, пайхон бўлаётган дарахтларга ачинардилар. Бу жойларга кўп қаватли турар-жой қурилгач, шаҳарнинг қоқ марказидаги тўрт хонали шинам уйларини топшириб, шу ердаги уч хонали уйга кўчиб келдилар. Уй янги бўлгани билан ҳаражатлари кўп эди. Шу кунларда Ёзувчилар союзига раис бўлиб сайланган Ўлмас Умарбеков тоғамнинг аҳволларини суриштириб, “бу йил ёзувчиларга ажратилган “Волга” автомашинасини Мирза акамга бермоқчимиз”, дедилар. Мен тоғамнинг машина сўраб ариза ёзганларини, навбатда турганларини эшитмаган эдим. “Навбатда турганлар сизни замбаракдан ўққа тутворишмайдими?” деб ҳазиллашдим. Ўша йиллари айниқса “Волга”ни талашиб, айрим ёзувчилар бир-бирининг устидан мағзава ағдаришга ҳам тайёр турардилар. Ўлмас ака гапларида туриб, қарор чиқардилар. Мен ёрдамчиларини тоғамникига бошлаб бордим. Улар хушхабарни айтишди. Тоғам раҳмат айтиб, кулимсираб қўя қолдилар. Улар кетишгач, қувонмаганлари сабабини сўрадим.
-Сенинг ёшингда бўлсам қувонсам ярашарди, мен бу машинани нима қиламан? Ҳар ҳолда машинани текинга беришмаса керак. “Тоғамнинг “Волга” сотиб олишга етадиган пули бор”, деб ўйлайсанми?

“Волга” олиш масаласи оила даврасида ҳам муҳокама қилинганда тоғам ўжарлик билан рад этаверганлар шекилли, улар менга мурожаат қилиб, кўндириб беришимни сўрашди. Оилавий маслаҳатга кўра, машина қарзга олиниб, сўнг сотилиб, фойдасига уй таъмирланиши керак эди. Мен бу режани айтиб, балога қолдим.
-Сенам шу аҳмақона фикрдамисан? Қариганимда “машина чайқовчиси” деган лаънат олиб юрайинми?-деб Ўлмас акага телефон қилиб, эътиборлари учун раҳмат айтгач, “шу машинага муҳтожлиги бор истеъдодли ёзувчилардан бирини қувонтиринг, катта ўғлимнинг “Москвич”и бор, кунимизга шу асқотиб турибди”, дедилар.

Тоғам футболга бениҳоя қизиқар эдилар. Мен кайфиятлари йўқлигини сезсам, ташвишли фикрлардан чалғитиб, гапга солиш учун сўзни футбол янгиликларига бурардим. Агар “Пахтакор”нинг аҳволи дуруст бўлса хўп-хўп, йўқса худди мен тренер ёки етакчи ўйинчиман-у, ютқизиқ менинг айбим билан бўлгандай сўкиш эшитардим. Футболни спорт эмас, ижод деб билардилар. Талабни ҳам шу асосга қурардилар.

Шахматни ҳам яхши кўрардилар. Таъкид жоизки, унча-бунча одам тоғам билан беллаша олмасди. Баъзан мен ҳам шахмат ўйнашни таклиф этардим. Аҳволим ўзимга маълум, дурангни ҳам орзу қилмасам-да, тоғамни чалғитиш учун дона сурардим. Тоғам буни сезсалар ҳам билмаганга олар эканлар.

Тоғам табиатан содда, камтарин, меҳнаткаш одам эдилар. Иродалари мустаҳкам, ўжарликлари ҳам бор эди. Кимдир менга “Ёзувчи камтар бўларди, танлаган таҳаллусини қаранг, “Мирза Калон” - “Катта мирза” эмиш”, деб таъна қилган эди. Бу бўлмаган даъво. “Мирзакалон” таҳаллус эмас, бобомнинг қўйган исмлари. Тоғамнинг “Мен ёзувчиман!” деб керилганларини ёки бировга дўқ қилганларини эслолмайман.

Менга фақат бир нарса таскин беради: Мирзакалон Исмоилий бировларга қуллиқ қилиб яшамадилар. Ўз халқининг содиқ ва виждонли фарзанди сифатида барча уқубатлардан юқори турдилар, виждонларига хилоф иш қилмадилар. Ижодкорнинг энг буюк бахти шу. Бу бахтга эришган ёзувчи барҳаёт бўлиб қолади.

Мирзакалон Исмоилий шундай ёзувчи эди.

Йиллар бу ҳақиқатни ҳали кўп марталаб исбот этади.

* * *

Мазкур асарда хато ва камчиликларга йўл қўйган бўлсак, баёнимиз зерикарли ёки қизиқарсиз чиққан бўлса, сиз азизларнинг вақтингизни исроф қилганимиз учун аввало Аллоҳ ҳузурида тавба қиламиз ва сизлардан узр сўраймиз. Яна бир узрим борки, тоғамнинг ҳаётларидан ҳикоя қилувчи аввалги мақолаларда “АҚД” нинг йили, “Ундирком” тафсилотида, ўша пайтларда архивни тўла ўргана олмаганим сабабли, озгина ноаниқликка йўл қўйган эканман. Бу баёнда ўша камчиликларга барҳам берилди. Ғойибона учрашувимиз сўнгида дуога қўл очиб улуғ адиб Мирзакалон Исмоилий ҳақларига, истиқлол илинжида ўтган барча миллатпарвар устозлар ҳақларига дуо қилишларингизни сўраймиз. Валлоҳи аълам, биссавоб!

Фоний дунё азобларини кўп тотган устозни Аллоҳ боқий дунёда дўзах азобларидан асраб, жаннатда Ўзининг васлига етказсин. Омийн!

II- qism
 
Keyingi