OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифТоҳир Малик
Асар номиСавоҳил (I- қисм)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Тоҳир Малик
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Қиссалар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм370KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2011/07/22
Манбаhttp://forum.ziyouz.com/ind...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Савоҳил (I- қисм)
Тоҳир Малик

«
Қайси миллат орасинда бирлик кўтарилиб, нифоқ ва адоват ҳукм сурган бўлса, ул қавмнинг инқироз дунёсига юзлангани аниқдир. Булар шуни фаҳмламайдиларми?
»
«
Дилдаги адоват темирдаги зангга ўхшайди. Занг темирни егани каби, адоват Ватанни азобга солади. Одамлар наҳот адоватдан нари бўла олмасалар?..
»
«
Абдулла Авлонийга бағишланади
»

Муқаддима ўрнида

— Баҳоржон, кела қол, ўнг қанотимга ўтир, бизларга илҳақ жойларга учайлик. Совуқни қувайлик, ерни уйғотайлик.
— Офтобжон, кела қол, сен чап қанотимга ўтир. Қишнинг музларини эритиб ташла, ерни азоблардан ўзинг қутқар.

Қалдирғоч шундай дер экану бир қанотига офтобни, бир қанотига баҳорни ўтқазиб учаркан. Қиш бўйи ўлимтик ҳолга тушган дов-дарахтларни уйғотаркан, муздан қутулган тупроқ яйраб нафас оларкан. Одамлар шод-хуррамлик билан иш бошлар эканлар.

Кунларнинг бирида қалдирғоч учиб юриб, илоннинг арига айтаётган гапини эшитиб қолибди:
— Мен ҳаммадан кучлиман, мендан барча қўрқади. Демак, мен энг ширин таомларни тановул қилишим керак. Сен ер юзидаги бор жониворларнинг гўштини татиб кўр, энг ширинини менга келиб айтасан.

Ари, «хўп бўлади», деб учибди, қалдирғоч эса унинг изига тушибди. Ари барча жониворларни татиб кўрибди — ёқмабди. Охири пичан ғарами ёнида ўйнаётган болани чақибди-да, озгина гўштини узиб олибди. Шу гўшт унга маъқул келиб, илон ҳузурига ошиқибди.

Қалдирғоч ҳадемай унга етиб олибди-да, арининг оғзидаги гўшт бўлакчасини чўқибди. Гўштга қўшиб арининг тилини ҳам узибди.

Ари илон ҳузурига келгач, нуқул ғўнғиллармиш.
— Гапир, айтган ишимни бажардингми? — дебди илон.
— Бажарди, бажарди, — дебди қалдирғоч, — у энг ширин гўшт — қурбақаники, деяпти.

Шу-шу илон қурбақага қирон келтира берибди.

Кунларнинг бирида илон қалдирғочнинг найрангини англабди-ю, ёвлашиб, уни ҳам тинч қўймайдиган бўлибди...

(Ўзбек халқ эртакларидан)

«
Кўнгил, сен бунчалар нега
Кишанлар билан дўстлашдинг?

Абдулҳамид Чўлпон.
»


Биринчи қисм - Икки Қирғоқ

Биринчи боб - Оқ Фотиҳа

1

Асадулла қалдирғочларнинг бехос қаттиқ чирқиллашидан уйғониб кетди. Ёстиққа тирсагини тираб қаддини кўтарди-да, дераза оша ташқарига қаради. Девор томонда ётган Ҳожияхон ҳам уйғонди:
— Нима бўлди уларга? — деди у, эрига ҳавотир кўзи билан қараб.
— Қарай-чи...

Асадулла айвонга чиқди-ю, шифтда осилиб турган илонни кўрди. Йўғонлиги уч яшар боланинг билагидек келадиган илон тилларини чиқариб қалдирғоч инига бош суқмоқчи бўлар, икки қалдирғоч эса унга ҳамла қилганча тинмай чирқилларди. Асадулла қарсак уриб, «ҳайт-ҳайт»лаб илонни чўчитмоқчи бўлди. Илон бунга парво қилмагач, ҳовлига тушиб, узун тол ёғочни қўлига олди.
— Ҳай, ҳай, дадаси, ўлдириб қўйманг тағин, — деди уйдан шошилиб чиққан Ҳожияхон.

Асадулла ёғочни кўтариб, илонни четга сурди. Илон ёғоч билан бир оз олишган бўлди-да, ишга одам аралашганига фаҳми етибми, тоқилар орасидаги тешикка кириб кетди.

Қалдирғочлар хавф бартараф бўлганига ишонқирамай инлари атрофида пича учиб юришди.
— Илон боёқишларга ҳеч бир тинчлик бермади-да, қачон қарасанг шу ерда. Булар ҳам инларини кўчира қолишмайди.
— Соддасан-да... инларини кўчирса илон топиб боролмайдими?

Асадулла то қалдирғочлар тинмагунча жойидан жилмади. Қушлар инга кирганларидан кейин ҳам дам-бадам бошларини чиқариб, жонсарак қараб қўйишарди.

«Биз ҳам шуларга ўхшаб қолдик,» деб ўйлади Асадулла. Ўзига шундай дейишга деди-ю, кўнгли оғриди. Хуррият худди шу беозор қушлар мисол қанотларида озодлик, эркинлик, бахтни олиб келиб гўё халққа инъом қилгандай эди. Шу кунларга етишишни орзу қилган, курашган, ҳатто умрининг бир қисмини Сибир ўрмонларига ташлаб келган Асадулла «илон»ларнинг қилмишини ҳисобга олмаган экан. «Баҳор келди, вассалом, олам чароғон бўлажак», деб кўнглини шодлаган экан. Баҳорнинг аямажузлари, ер-кўкни ларзага солувчи момагулдираклари, йўлида учраган барча нарсаларни сидириб кетувчи селлари, дўллари борлигини мулоҳаза қилмаган экан.

Икки йилдан бери кун надир, тун надир, ажратиш маҳол. Офтобдан қўрққан, совуқ тунда ўрмалаб келиб очилажак куртакларни бўғиб кетгани каби ўзларини эркпарвар дегувчилар, пинҳона курашларини авж олдирар эдилар. Ярадор ваҳший ҳеч нимадан тап тортмайди, жонзот учун янада хавфли бўлиб қолади.

Замоннинг ўйинлари ажабтовур. Икки йил муқаддам булар оғзидан инқилоб сўзи тушмас эди. Баъзан, «буларнинг танглайини «инқилоб» деб кўтарганми», дегинг келарди.

Асадулла буни ўткинчи ҳол деб янглишган экан. Ҳа, қаттиқ янглишган экан. Ҳуррият сўқмоқларида аччиқ-чучукни, иссиқ-совуқни татиган одам учун бу янглишиш кечирилмас ҳол эди.

Эркпарвар либосидагилар жодугар каби турли кўринишга киради: илонга айланиб қуш уясига бош суқмоқчи бўлади, тулкига айланиб макр ишлатади, бўрига айланиб қўққисдан ҳамла қилади... Асадулла буларнинг ҳаммасига ўзи шоҳид бўлди. Қўқонда биқинини ўқ тешиб ўтганда ҳам, Тошкентнинг таҳликали тунини кунга улаганда ҳам, биродарларини ўз қўли билан тупроққа қўйганда, Туркистон Марказий ижроқўмидаги мажлисларда ноҳақдан-ноҳақ айблаганларида ҳам уша «жодугар»нинг нафасини ҳис қилиб турарди. «Шерни отсанг бўрига айланади, бўрини нишонга ололсанг у тулкига, сўнг тулки қуёнга, қуён бургутга айланиб кўз илғамас баландликка учади. Ўқинг етиб уни маҳв этса тухум ажралади, тухумни пойлай олсанг, ундан игна чиқади-ю, денгиз тубига чўкади. Жодугарнинг жони шу игнада. Уни топиб синдирсанг — жодугардан қутуласан...» Асадулла ўша игнани тополмай гаранг эди. «Дўст макридан ўзинг асра, ғанимни бартараф этмоққа қурбим етарли», дейишади. Эркпарварларнинг аксари дўст либосида юргани Асадуллага маълум. Лекин уларни қандай ошкор этиш мумкинлиги номаълум эди. Туркижроқўмнинг мажлисларида баъзан улар пўст ташлаб қолай дердилару, аммо усталик қилиб, ниқобларига ўралиб олардилар.

Асадулла ҳозир айвон устунига суянганича, қалдирғоч уясига қараб шуларни ўйларди. Бу ўйлар бехос уйғонмади, йўқ, бунга қалдирғоч уясига ҳамла қилган илон ҳам сабаб эмас. Кечаги Ҳуррият уйида бўлган мажлис унинг хотираларини, хаёлларини тўзитиб юборди.

Туркистон Марказий ижроия қўмитаси бугун асосан Фарғона водийсидаги аҳволни муҳокама қилиши керак эди. Бухоролик ва афғонистонлик олий зотлардан бир қанчасининг водийда юргани, майда қўрбошиларни бирлаштиришга ҳаракат қилаётгани ҳақида дарак топишгач, Асадулла воқеани ойдинлаштириш учун Қўқонга борган эди. Афғон «елчи»лари қўлга олинганини билиб, Қўқонда узоқ қолмай, Андижонга жўнади. Шаҳар ЧКсида унга тўрт басавлат, серсоқол афғонни рўпара қилдилар. Аввалига суҳбатлари қовушмади. Улар, «чустлик тожиклармиз», деб туриб олдилар. Чуст тожиклар ўзбекчани сувдай билардилар, шунинг учун Асадулла уларга ўзбекча гапирди. Жавоб ололмагандан сўнг яна форсчага ўтди. Афғонлар қайсарликларини давом эттиравергач, у Афғонистонда амир Ҳабибуллахон ўлдирилгани, унинг ўрнига Омонуллохон ҳукмдор бўлганини айтди. Шунда соқолига оқ оралаган афғон беихтиёр:
— Ё Оллоҳ, ёлғонни ўзинг кечир, — деб юборди.

Асадулла амир Омонуллохоннинг Масковга мактуб йўллагани, бу мактубни форсийдан русчага ўзи таржима қилганини айтганда ҳам афғонлардан садо чиқмади.
— Маҳмудбек Тарзини биларсизлар, ахир? — деди Асадулла тоқати тоқ бўлиб.
— Сардор Тарзими? Омонуллохоннинг падарзани1,— деди соқолига оқ оралаган афғон совуқ оҳангда.
— Шу одам ҳорижия нозири бўлибди. Амир Афғонистонни буткул мустақил, ўзгаларга қарам эмас, деб юртга омонлик берибди.

Бу гапни эшитиб, афғонлар бир-бирларига савол назари билан қараб олдилар. Шундан кейингина улар амир Ҳабибуллохон истаги билан бу ерларга келганликлари, вазифалари барча қўрбошиларни Мадаминбек қанотига тўплаш ишида ҳамкорлик эканини айтдилар.

Асадулла мажлис аҳлига шуларни баён қилгач, мунозара узоқ чўзилди. Водийдаги аҳвол хавотирли эди. Жиддий муҳокамага, алқисса, жиддий ҳаракатларга муҳтож эди. Мажлиснинг чўзилиши шундан.

Муҳокама якунлангач, барча учун кутилмаганда ташқи ишлар халқ нозири сўз олиб, кун тартибига яна бир масалани киритишни таклиф қилди.
— Апрел ойида Термиз қалъасига икки афғон келиб, амирнинг муҳим мактубини топширган. Термизлик ўртоқлар дрезинада йўлга чиқиб, бу мактубни бизга етказдилар. Ўртоқ Асадулла Мираъламов иштирокида мактубни русчага таржима қилдик. Афғонистоннинг янги амири Москвага мурожаат этиб, дўстлик алоқаларини ўрнатишни сўраган. Сизларга шуни маълум қиламанки, Шўролар ҳукумати бир йил аввал Афғонистон амирига шу масалада мурожаат этган эди. Биз янги амирнинг мактубини радиотелеграф орқали Москвага узатган эдик. Бугун жавоб олдик. Москва зудлик билан дипломатик гуруҳ ташкил этиб, Афғонистонга юборишимизни сўраяпти. Москва — Тошкент йўли берк бўлгани сабабли РСФСРнинг вақтинча элчиси ҳам шу ерда тайин қилиниши керак. Биз бу вазифага Николай Захарович Хмарин номзодини тасдиқлашни РСФСР ҳукуматидан илтимос қилмоқчимиз.
— Хмарин? Ким экан у? — деди ўтирганлардан бири.

Халқ нозири қоғозлар орасидан кераклисини танлаб, номзодни таништира бошлади. Асадулланинг қулоғи унда, хаёли эса апрел ойидаги учрашувда эди. У Хмарин билан бир мата учрашган, бу кибор дипломат унда нохуш таассурот уйғотган эди.

Хмариннинг кўп йиллар давомида император элчиси сифатида Эронда хизмат қилгани мажлис аҳлини ўйлантириб қўйди. Бу одамга ишониш мумкинми ё йўқми, ҳеч ким билмас эди. Шу сабабли номзод дарров тасдиқланмай, мунозарага сабаб бўлди.
— Сиз унга кафиллик бера оласизми? — деб сўради мажлис раиси мунозарага якун ясаш мақсадида.
— Кафиллик берсам, бермасам, дипломатия ишларидан хабардор бошқа одамимиз йўқ. Унинг кимлигини РСФСР Ташқи ишлар халқ комиссарлигида мендан яхшироқ билишади. Номзод маъқул келса тасдиқлашади. Бўлмаса йўқ. РСФСР элчисининг биринчи ўринбосари, айни пайтда Туркистон жумҳуриятининг элчиси вазифасига биз ўртоқ Мираъламов номзодини кўрсатмоқчимиз.

Асадулла янглиш эшитмадиммикан, дегандай ҳайрон бўлиб нозирга қаради.
— Менми? — деди у қулоқларига ишонмай.
— Ҳа, сиз, ўртоқ Мираъламов, нимага ажабланяпсиз? Амирнинг амакиваччаси Ишоқхон билан боришни таклиф этганимизда рад этмаган эдингиз?
— Унда... амирга хат олиб боришимиз керак эди. Элчилик... умримда қилмаган ишим...
— Мен ҳам умримда нозирлик қилмаганман. Булар ҳам...
— Ўртоқлар, тушунинглар, ахир бу жиддий масъулиятли иш.
— Шунинг учун ҳам сизнинг номзодингизда тўхталдик.

Асадулла бош чайқади-ю, аммо эътироз билдирмади. Нозир бундан мамнун бўлиб, гапини давом эттирди.
— Элчининг ҳарбий маслаҳатчиси қилиб ўртоқ Шувалов номзодини кўрсатамиз. Оренбург инқилобий ҳаракатининг фаолларидан. Дутовга қарши жангларда қатнашган, синалган ўртоқ.
— Собиқ политсиячими?
— Политсияда болшевикларнинг топшириғи билан ишлаган, — деди нозир кескин оҳангда.

Бошқа савол тушмай, номзод маъқулланди.
— Элчининг яна бир ўринбосарлигига ўртоқ Ушинский номзоди...

Асадулла ялт этиб нозирга қаради: «Нима деяпти?! Бутун бир катта давлат билан алоқа ўрнатишга бебурд, миллатчи одамни юбормоқчими?»
— Мен қаршиман, — деди Асадулла ўрнидан туриб.
— Элчи сифатидами? — деди кимдир киноя билан.
— Йўқ, — деди Асадулла қатъий оҳангда, — Марказий ижроқўм аъзоси сифатида. Мен Ушинскийни яхши биламан.
— Биз ҳам биламиз, — деди нозир. — Ўртоқ Ушинский инқилоб учун кўп хизмат қилган. Тўғри, у эсер1 эди. Аммо январ исёнидан2 анча олдинроқ болшевик3лар сафига ўтган. Мен унга шахсан кафиллик бераман.
— Номзоди маъқуллансин. Ўртоқ Мираъламов, шахсий адоватларни унутиш керак. Ҳозир кек сақлайдиган замон эмас... Умуман... деярли ҳар мажлисда ўртоқ Ушинскийни бир чўқимасангиз хумордан чиқмайдиган бўлиб қоляпсиз... — Бу овоз ҳозиргина киноя қилган одамники эди. Асадулла унга бир қараб олди-ю, бироқ, жавоб бермади. Ҳозир ўзини оқлашга киришса, ўтирганларда бошқача фикр уйғониши мумкин эди. Туркистон Марказий ижроқўмидаги ягона ўзбек — Асадулла Мираъламов улар билан бўлажак баҳсда барибир енгиларди. Шу сабабли дардини ичига ютди.

Бошқа гаплар Асадулланинг қулоғига кирмади.

...Туркистон Марказий ижроқўмидаги мажлислар Асадуллани тобора қийнаб борарди, уни гўё боши берк кўчага ҳайдаётгандек эди. Миллий уйғониш, юрт истиқлоли орзуси мавҳумлик пардасига чулғанарди. У жаннат боғларини умид қилиб, оқибатда саробга йўлиққан чорасиз киши ҳолида ўзини кўриб, руҳи фарёд чека бошларди. «Қайси нуқтада хатога йўл қўйдик? Наҳот, бўлаётган гапларнинг барчаси ёлғон, наҳот биз алдовга учган нодонлармиз?» — Асадулла шу саволларга жавоб изларди. Ички бир ҳайқириқ: «Сенлар алдандиларинг, сенлар туфайли халқ ҳам алданди», деб турса, сўниб улгурмаган умид чўғи: «Яна озгина кутайлик-чи...» деб сабрга ундарди...

Марказий ижроқўмнинг бир ой аввалги махсус мажлисида бу умид чўғи буткул сўнмоғи лозим эди, лекин бу сафар ҳам сабр устун чиқди.

Ундан олдинроқ Асадуллани йўқлаб, махсус топшириқ билан Фарғона музофотига боражагини айтишди. Унга маълум қилишларича, Эскижўвада қўқонликлар «Фарғона фожеаси» деган томоша кўрсатишибди. Томоша мазмуни зарарли, миллатчилик руҳида бўлгани сабабли тўхтатилибди. Унда зикр этилган айрим воқеалар эса текширувга муҳтож эмиш.

Асадулланинг томоша қўйилишидан хабари бор, бироқ, келиб кўришга имкони бўлмаган эди. Томошани саҳнага қўйган Ниёзийни у яхши танирди. У бир неча йил муқаддам Асадуллага учрашиб, театру санъати билан қизиққан, Қўқонда ҳам шундай томошалар кўрсатиш нияти борлигини айтиб, маслаҳатлар сўраган эди. Шу баҳона улар орасида устоз-шогирд мақомида яқинлик вужудга келиб эди. Асадула Марказий ижроқўмдан топшириқ олгач, йўлга отланишдан аввал Ниёзий билан учрашиб, томоша матнини сўради.
— Матнни олиб қўйдилар, — деди Ҳамза Ниёзий афсус билан. Кейин унинг қисқача мазмунини баён қилиб берди-да, қўшиб қўйди: — Томошада фожеаларнинг бир-икки заррасигина кўрсатилди. Агар дашноқлар ваҳшийлигининг учдан бир қисмини кўрсатсак эди, дунёга ўт кетарди. Уста, сиз Фарғонага борарсиз-у, аммо бир натижа чиқармикин?
— Бирон нимадан гумонингиз борми?
— Оқ подшо замонида ҳам томошаларимизга бу даражада тазъйиқ йўқ эди. Кечаги зўравонликка қараганда дашноқларнинг Марказий ижроқўмингизга ҳам таъсири бормикин, дейман?
— Марказий ижроқўмда дашноқлар вакили йўқ.
— Бу бизга маълум. Уларни буржуа-миллатчи фир-қа сифатида инкор этасизлар. Инкор этасизлару инон-ихтиёрларини ўзларига қўйиб бергансизлар. Ижроқўмингизда уларнинг вакилларидан бўлмаса ҳам таъсири бордир. Ахир Қўқон мухториятини шу дашноқлар қонга ботириб беришди-ку? Комиссарларингиз уларнинг бу холис хизматларини унутишмагандир? Ариқларда сув ўрнига қон оқди, деганимда ишонмагандингиз. Аввал фақат Қўқондагина ариқларда сув ўрнига қон оққан бўлса, энди бутун Фарғона сойларида оқяпти инсон қони.

Асадулла бу масалада Ниёзий билан баҳслашмади. Сафарга у билан бирга бориш истаги туғилди. Лекин Фавқулотда қўмитадан ижозат тегмади.

Ниёзий тўғри айтибди: дашноқларнинг ваҳшийлигини баён этмоққа қалам ожиз экан. Бутун бир қишлоқ аҳлини ёш демай — қари демай, бола демай — аёл демай, адирга ҳайдаб чиқиб, «босмачиларга қарши ҳандақ қазийсанлар», деб мажбурлаб, сўнг барчаларини отиб ўлдириб, ўзлари қазиган ҳандақларга кўмиб кетишларининг ўзиёқ уларга қарши кескин чоралар қўллаш учун етарли далил эди. Асадулла кўриб-билиб келган далилларини баён қилиб, «Одамларнинг шўроларга қарши қўлга қурол олишларига айнан шундай ваҳшийликлар сабаб бўлган», деган хулосасини айтганида мажлис аҳли кутилмаган бу ҳақиқатни тан олгандай аввалига бир оз сукут сақлади.

Бу сукутни ўшанда биринчи бўлиб Ушинский бузган эди:
— Ўртоқ Мираъламовнинг сўзларига эътибор берилса, бу ўртоқ нутқларида «босмачи» деган атамани ишлатишдан қочяптилар. Ё мен адашдимми?
— Адашмадингиз, — деди Асадулла. — Уларни сиз билан биз «босмачи» деймиз. Халқ уларни ўзгача атайди.
— Биламан, — деди Ушинский уна қаттиқ тикилганича. — Улар ўзларини «Миллий озодлик жангчилари» дейишадими ё «ислом лашкарлари» дейдиларми ё яна алланима балолар дейдиларми, бу бизга яхши маълум. Сизнинг ўзингиз нима деб атайсиз? Мен сизнинг бу масалага партиявий нуқтаи назаридан муносабатингизни билмоқчиман.

Фарғонага жўнаш арафасидаги учрашувда Ҳамза «ўзининг уйини ҳимоя этувчиларни «босмачи» дейиш урф бўлиб боряпти. Босмачи ким экани фарқлаб олинса дуруст бўларди», деган эди. Асадулла Ушинскийга шундай жавоб қайтармоқчи бўлди-ю, бундагиларнинг беҳос ҳужумларидан сақланиш учун:
— Гап нима деб аталишида эмас, гап — унинг келиб чиқиши сабаблари ва бу урушни тўхтатиш масаласида, — деди. Агар бу мажлис аҳли орасида гапга тушунадиган, халқ дардини англайдиган бир одам бўлганида ҳам Асадулла Машрабнинг «Дил тиғи ситамдин пора бўлган халқни кўрдум, тани дарду аламдин ёра бўлган халқни кўрдум» — деган байтини ўқиб, русчага таржима қилиб берган бўларди. Бироқ, машойиҳлар: «Тани бошқа дард билмас», — деб бежиз айтишмаганлар. Асадулла юрагини куйдираётган гапларнинг кўпини тилга чиқармади. Фақат асосий хулосани исбот этиш мақсадида:
— Фарғона вилоятида то ҳозирга қадар маҳаллий миллат вакилларидан биронта одамнинг болшевиклар фирқасига қабул қилинмаслигини қандай изоҳлаш мумкин? — деди.

Бу саволни ҳам мажлис аҳли сукут билан қарши олди.

Бу сукутни ҳам Ушинский бузди:
— Демак, маҳаллий миллат вакиллари орасида болшевиклар сафида туришга арзирли онгли одам йўқ экан...

Шу одам кутилажак узоқ сафарда Асадуллага ҳамроҳ бўлиши керак...

Ушинскийнинг элчилар гуруҳига киритилиши, мажлисда «кекчи», «адоватчи» деган ном олиши Асадуллани беҳад ғазаблантирди. Ўтган йили худди шу бинода Асадулла билан Ушинский ўртасида бўлиб ўтган можаро ҳали унутилгани йўқ. Кечаги мажлисда Ушинский номзодига қарши чиқиши билан кўпчилик ўшани эслаган бўлиши керак. «Шахсий адоват...» деган гаплар шунинг оқибати. Ушинскийга қарши айтилган ҳар бир гап истасанг-истамасанг шу можарога қараб етаклайди. Дўст либосидаги ғанимларга бу айни муддао. Кечаги мажлисда «шахсий адоват» деб ўша можарога шама қилган одам чин дўстми ё кўнгли қорами, Асадулла аниқ билмайди. Балки у тоза кўнгилдан айтгандир бу гапни. Дўппини қўйиб, яхшилаб ўйлаб кўрилса, унинг бу фикри бир жиҳатдан тўғри. Шахсий адоватга сира йўл бериш керакмас. Лекин у қора ниятда айтган бўлса-чи?

Эрталаб қалдирғочларнинг бехос чириллашидан уйғонган Асадуллани ана шу хаёллар беором қилмоқда эди.

Нонушта маҳали ҳам ўйга толган ҳолда ўтирди. Хотинига кўзи тушди-ю, ғалати бўлиб кетди: Ҳожияхон унга маъюс тикилиб турибди. Асадулла ундан кўзини олиб қочди. Чойдан бир ҳўплаб, яна қаради. Яна ўша аҳвол.
— Сенга нима бўлди? Тобинг йўқми? — деб сўради Асадулла.

Ҳожияхон чўчиб тушгандай бошини чайқади.

Асадулла, «чойингни ич, совутма», деб, ундан нигоҳини олди. Дам ўтмай яна боқди: Ҳожияхон энди дастурхон учини қайириб ўтирибди, кўзини дағаллашиб қолган бармоқларига тиккан.
— Онаси... — Ҳожияхон ялт этиб қаради. Бу сафар эрининг нигоҳига дош беролмай кўзини олиб қочди. — Дардга ем бўлмай, ичингдагини айтавер.
— Дардим йўқ... — Ҳожияхон яна дастурхон учини қайирди. — Фақат... айтадиганим... жуда ишга берилиб кетдингиз. Болаларингизга ҳам кераксиз. Ҳадеб ўзингизни ўтга ураверманг...
— Бор гапинг шуми?
— Шу.

Асадулла кулди. Гапни ҳазилга айлантирмоқчи бўлди:
— Ҳамма эркаклар уйида ўтириб олса, ҳурриятнинг аҳволи нима кечади? Халқ додини кимга айтади? Яна қуллигича қолаверадими?

Ҳожияхон индамади. Бошқа хотин бўлганда: «Уйда ўтириб олинг, демайман, бегоналарга ўхшаб бирров келиб кетмай, «уйим-жойим бор», деб болаларингиз билан чақчақлашиб ҳам ўтиринг. Тўрт йил йўлингизга кўз тикканим, тўрт йил кўзёши тўкканим менга каммиди», деб нолалар чекарди. Ҳожияхон эса индамади. Шу индамаслик Асадулланинг бошига чўқмордай урилди. Бунақа шароитларда ибратли гаплар топишга уста бўлган бу шоир одам хотинига тасалли бера олувчи сўз айтишга ночор қолди. Хаёлига келаётган гаплар— бу оғирликлар вақтинчалиги, яхши кунлар яқин қолгани, ўзбекнинг бағрига ҳам шамол тегиши... аввал айтилган, такрорлашга ҳожат йўқ эди. Нима қилганда ҳам Ҳожияхон ҳақ — оиласига вақт ажратиши лозим.

Асадулла ўзини койиб, хаёлида турли режалар тузиб, ўрнидан турди. Кўча эшиги томон юрди-ю, тўхтади.
— Бир нима эсингиздан чиқдими? — деди Ҳожияхон.
— Ҳалиги гапинг... тўғри, онаси, — деди Асадулла жилмайишга ҳаракат қилиб. — Бугун эртароқ қайтаман.

Ҳожияхон кулимсиради. Лабида нимкулгу бор эди. Кўзидан эса маъюслик кўтарилмаганди. Асадулла буни ўша топда сезмади. Буни кейин, фожиа юз бергандан сўнг, орадан кунлар ўтиб эслаганда, юраги зардобга тўлиб кўз олдига келтирганида сезади. Ҳозир эса «хотинимнинг кўнглини кўтардим», деган тасалли билан кўчага чиқади.

У ваъдасида турди. Уйга одатдагидан эрта қайтди. Ҳали оқшомга вақт бор. Бугун Асадулла Калас томондаги қишлоқларга бориб келиш топшириғини олди. Деҳқонлар бойлардан тортиб олинган ерлардан юз ўгираётган эмишлар. Бошқа жойларда ҳам шундай бўлаётгани учун Марказий ижроқўм бу масалани бетўхтов ўрганишни Асадуллага топширди. У эрталаб хотинига берган ваъдасини бажариш, шу баҳонада янги мактаб учун мўл ёзган китобидан бирини олволиш мақсадида уйига келди. Эшигига яқинлашганда бир одамга кўзи тушиб, сергак тортди. Эрталаб ҳам кўрган эди уни: баланд бўйли, бақувват одам, энгагида чандиғи бор. Бошидаги марғилон нусха дўппи анча уриниб қолган. Нотаниш одам Асадуллани кўриб чўчидими, ҳар ҳолда қадамини секинлатди. Кейин тезлатди. Салом бериб ўтиб кетмоқчи эди, Асадулла тўхтатди.
— Иним, бировни қидириб юрибсизми? Эрталаб ҳам кўргандай эдим.

Нотаниш одам каловланди, дарров жавоб топиб бера олмади.
— Шу денг... бировни излаётганим йўқ. Оммо лекин... ижарага уй бўлса... Завутта ишласамми...
— Қаерликсиз?
— Риштонданман. Безорим чиқиб кетди у ерларда. Ҳаловат йўқ. Кўчимни кўтариб келавердим. Ижарага уй топилмайдими?
— Сиз самовархонага киринг. Асадулла айтди, десангиз, ёрдам беришади.
— Қуллуқ, тақсир.

Нотаниш одам енгил таъзим қилди-ю, унга олазарак қараб олди. Асадулла буни сезмади. «Ҳаловат излаб келибди. Шундай бақувват, дев одам ўзини олиб қочса... Унинг ҳаловати учун бошқалар жон берса» Асадулла шу хаёл билан унинг изидан қаради. Айни чоқда, нотаниш одам ҳам ўгирилган эди. Аммо унинг хаёлида бошқа гап: «Ижарага уй топиб бермоқчи... Жонини ижарага топширганидан хабари йўқ. Гўлми у ё ўзини халқпарвар қилиб кўрсатмоқчими?.. Э, нодон, сен Муҳиддиннинг кимлигини билмай ўтасан бу дунёдан...».

2

Туркижроқўм мажлисида Афғонистонга борадиган элчилар номзоди муҳокама этилаётган дамда Миркомилбойнинг Себзордаги уйида антиқа суҳбат борар эди. Тупроғи кўпчиб ётган кўчадаги ягона қайрағоч соясига тўнини ташлаб ўтирган Муҳиддин эса дарахтнинг бужур танасига суяниб мудрарди. Ўтган-кетган «иссиқ элитган» бу нотаниш одамга парво қилмас эди. Муҳиддин эса ўзини мудрагандай кўрсатиб, чалаюмуқ кўзлари билан кўчадаги ҳар бир ҳаракатни зийрак кузатарди. Агар бирор хавфни сезса, ўрнидан туриб, тўнни қоқади-ю, елкага ташлаб Қўштут кўчасига бурилади. Миркомилбойнинг болохонасидан шу томон тикилиб турган бир жуфт кўз учун бу кифоя: ичкаридагилар дарҳол огоҳлантирилади.

Ичкаридагиларнинг бири — уй эгаси — Миркомил ҳожи. Яқин-яқинларда Миркомилбой деса одам уёқда қолиб, дарахтлар ҳам бир силкиниб тушарди. Тошкентдаги икки заводга эга бўлган бу одамнинг салобати, ўзини тутишини кўрган кимса, «бу бой заводнинг эгасими ё дунёнинг хўжасими?» деб ёқа ушларди. Ўн еттинчи йилнинг баҳоридан то кузига қадар хўпам мулойимлашди. Ишчиларнинг маошини оширди, йўқсилларга инъомлар берди. Кўз тиккан умиди — Қўқон мухторияти барҳам топгач, қолган умрини тоат-ибодатга бағишлаганини эълон қилди. Энди Миркомилбой эмас, тақводор Миркомил ҳожи номи билан тилга тушди. Етти йил муқаддам Каъбани зиёрат қилгани энди асқатди. У беш вақт намозни масжидда ўқирди. Бирон-бир марта бўлсин, сиёсатдан сўз очмасди, шўролар қилаётган ишларга муносабатини ошкор қилмасди. Шу туфайли у ашаддий аксилинқилобчилар рўйхатидан тушиб қолган эди.

Унинг бугунги меҳмони эгнига оқ сурп яктак, бошига симоби салла ўраган бўлса-да, ранг-рўйидан ўзбек эмаслигини сезиш қийин эмасди. Ўзбек эмаслиги айниқса гапирганда ошкор бўларди. У сўзларни бир оз чўзиб, юмшоқроқ талаффуз қиларди. Бу одамнинг исми — Хаустон, ўзи инглиз фуқароси бўлиб, узоқ йиллар давомида Эронда, сўнг Туркистонда турли қиёфаларда юрди. Тошкентдаги сўнгги «вазифаси» — инглиз тили муаллими эди. Миркомилбой Европа саноати эгалари билан мустаҳкам алоқа ўрнатиш мақсадида ўғилларини шу одам қўлига топширганди. Инглиз тилида гаплашишга ўрганиб олган икки ўғил Англияга юборилган, орада болшевиклар тўнтариши рўй бериб, улар уйга қайтарларини ҳам, қайтмасликларини ҳам билмай, ўша ёқда тентираб юрардилар.

Илгари Миркомилбой билан Хаустонни шу икки ўғил бир-бирига боғлаган бўлса, энди мақсад бирлиги қовуштириб туради. Инглиз тили муаллимининг асл вазифаси энди Миркомилбой ва унга ўхшаш бир-икки одамга маълум эди. Икки йил аввал Хаустон уларнинг кўзига кемаси билан Тошкентга сузиб келиб, чўкаётганларни қутқарувчи Нуҳдай кўринган эди. Исёнларнинг бостирилиши уни анча обрўсизлантирди.

Хаустон бу хонадонга Осипов исёнидан аввал келганича қадам босмай қўйганди. Керак бўлганда улар алоқачи орқалигина боғланардилар. Бугун унинг бу аҳволда кириб келиши Миркомилбойни ҳам ажаблантирди, ҳам ташвишга солди.

Хаустон мақсадга дарров кўча қолмади. Ҳол-аҳвол сўраган бўлди-ю, сукутга берилди. Унинг бунақа одати йўқ эди. Гапини чертиб-чертиб айтувчи бу одам вақтини зое кетказмасди. Шарқона лутфлар, дастурхон атрофидаги кераксиз гап-сўзлар унга бегона эди. Ҳозир, ажаб, худди атайин чойхўрликка келгандай хотиржам ўтирибди. Миркомилбойнинг тоқати тоқ бўлса-да, ундан садо чиқишини сабр билан кутди.
— Болшевикларнинг жанозасини қачон ўқиймиз?

Қўққисдан берилган бу саволдан Миркомилбой асабийлашди. Юзи учди. Қўлидаги тасбеҳ доналарини ғижимлади.
— Жанозани... суянган тоғларингизга ўқиб қўйишди-ку, — деди у ғижиниб.

Хаустон шундай жавоб кутгани учун ҳам бу кинояни эшитиб ранжимади. Аниқроғи, бу саволни атайин мезбоннинг ғашига тегиш учун берган эди. Унинг режасича, ҳамсуҳбат бир оз асабийлашганда мақсад аён этилса кўнгилдагидай бўлиши керак.

Бу режадан бехабар Миркомилбой бир киноя билан узиб олдим деб, ўз кўнглига таскин берди. Аслида у бундан баттар гапларни айтишга ҳам ҳақли эди. Қўқон мухториятининг узил-кесил ғалабасини башорат қилган шу Хаустон эмасмиди?! Қишда Осиповнинг адъютанти билан келиб, «заводларингизни қабул қилиб олишга тадорик кўраверинг», деган ҳам шу Хаустон эмасмиди? Қани мухториячилар, қани Осиповнинг сара аскарлари, қани «ТВО» деб оламга жар солган «енгилмас» ташкилот?! Англиянинг юз миллион ақчаси, ўн олти тоғ замбараги, қирқта тўпи, милтиқларининг қудрати нимага етди?! Миркомилбой буларни ўйласа, «Туркистоннинг куни шуларга қолганмиди», деб эзилиб, ўзини-ўзи бўғизлаб ташлагиси келарди. Ўн еттинчи йил тўнтаришида ҳам, заводларини топширганида ҳам бунчалик изтироб чекмаган эди. Ҳар бир исённинг бостирилиши, ҳар бир мағлубият унга гўё азроилнинг огоҳлантириши бўлиб туюлар эди.
— Сиз... чиндан ҳам тарки дунё қилганга ўхшайсиз, — деди Хаустон бир зумлик сукутни бузиб.
— Кўриб турганим бу бузуқ дунё — дунё эмас, дўзах. Дўзахдан баттар. Жаноб Хаустон, сиз ўзгариб қолибсиз. Муддаонгизни англамай қолдим?
— Ҳайронлигингизни сезиб турибман, ҳожи. Дафъатан мақсадга кўчмаётганимнинг боиси бор. Таклифимни қабул қилишингизга ишонмайроқ турибман.
— Сабаб?
— Бу анча оғир иш. Сизни қийнаб қўйишим мумкин.

Бу гап Миркомилбойга малол келиб, бир қўзғалиб олди.
— Айтинг! — унинг овозидаги амирона оҳанг Хаустонга ёқди.
— Сизни Афғонистон сафарига таклиф этмоқчиман. Кобулда бир оз туриб, сўнг Ҳиндистон орқали Англияга, ўғилларингиз ёнига олиб бораман.

Фарзандларининг эслатилишидан бойнинг юраги ҳаприқиб кетди. Бу таклиф учун меҳмонни бағрига босгиси ҳам келди. Лекин бу оний туйғу эди. Шамолдай ғув этди-ю, ўтди-кетди. Туйғулари ўша оннинг ўзида ақлга бўйсунди. Хаустон бойнинг юзи бир дам ёришгани, сўнг нигоҳи яна совуқ тус олганини сезди. «Бу одамни лақиллатиш қийин», деб қўйди ўзича.
— Лекин... — деди у ўсмоқчилаб.
— Ўша «лекин»дан бошласангиз дуруст эди гапни, — деди бой.
— Бир-икки юмушни сизнинг ёрдамингизсиз бажариш мумкин эмас. Энди очиқроқ тушунтирай: Афғонистоннинг янги амири нодонлик қилиб Ленинга хат юборибди. Россияга дўст бўлиш нияти бор. Аввалги амир Фарғонадаги ислом лашкарларига хайрихоҳ эди. Буниси акси бўлиб чиқди. Агар Лениннинг чопарлари Кобулга етиб борса, Бухоронинг Тошкентга юришига ишонч қолмайди. Икки амир бир ёқадан бош чиқарса, нур устига нур бўларди. Бугун Туркижроқўмда Афғонистонга борувчи элчилар номзоди тасдиқланиши керак. Биз элчиларнинг йўлга чиқишини кечиктиришимиз шарт. Ишнинг бир томонини пишитганмиз; улар орасида ишончли одамларимиз бор. Энг муҳими, элчилар орасида ерли миллат вакиллари бўлмасин. Фикримни англагандирсиз?
— Ўзбеклардан ким бораркан?
— Асадулла Миръалам. Эски танишингиз. Янглишмасам, «Уламо» жамияти уни ўлимга ҳукм қилган эди. Ҳукм ижроси чўзилиб кетмадими?
— Ҳукмдан қочиб қутулмас. Лекин... у бормаса, бошқасини юборишар?
— Биз эса вақтдан ютамиз. Афғонистон амирига улар эмас, аввал биз рўпара бўлишимиз шарт.
— «Биз» деганиниз ким?
— Маъзур тутинг, сўздан адашдим. Мен «сиз» демоқчи эдим. Туркистон аъёнлари номидан амир билан сиз музокара юритасиз. Амирга болшевиклар билан яқинлашувнинг зарар эканини айтиб, ишонтириш керак.
— Мулоҳаза қилиб кўришим лозим буни...

Хаустон, «ҳа, албатта», дегандай бош лиқиллатиб қўйди.

Миркомилбой ўн еттинчи йилнинг баҳорида, Хаустон ниқобини ечиб, асл қиёфасига киргандан бери бир нарсани кўп ўйлайди: бу одам «авағамнинг авағаси, умуртқамнинг шўрваси»дан баттар бўлатуриб, Туркистон тақдири учун бунча қайғурмаса? Икки йил аввал худди шу уйда Хаустон бу саволни ўртага қўйиб, ўзи жавоб қилган эди. Миркомилбой унинг сўзларини яхши эслайди: «Биз юртимизни Буюк Британия деб атаймиз. Эътибор қилинг: Бу-юк Британия! Сиз Буюк Туркистон султонлиги бунёд этмоқчи экансиз, нечун биз кўмак бермайлик? Ниятимиз беғараз, ишонаверинг. Шубҳаланишингиз ўринли, бир давлат иккинчисига бемақсад ёрдам бермайди. Туркистон, менинг назаримда, мана шу дастурхондай тўкин. Мақсадимиз камтарона — илтифот этган чоқларингизда шу дастурхондаги неъматлардан баҳраманд бўлиш. Бироқ биз дастурхонингизга қуруқ келмаймиз: пилла оламиз — шойи берамиз, пахта оламиз — газлама берамиз, машиналар берамиз. Мана, жаноби Миркомилбой ҳожи корхонасига бизнинг машиналардан ўрнатса, ўн ҳисса кучаяди. Бу яхшими ё ёмонми?» Ҳа, Хаустон шундай деб ишонтирмоқчи бўлган эди. Тан олиш керак, ишонишган ҳам эди. Кейинроқ лойқа сув тиниб, ариқ тубидаги ҳақиқат кўринди. Саволга жавоб жуда оддий эди: Туркистонни Россия қўлидан тортиб олиб, Англияга тобе қилиш. Миркомилбойнинг буни англаб етиши учун кўп фурсат талаб этилмади. У буни англаб етгани билан сир бой бермади, арқонни узун ташлади. Бой бошқа нарсага ҳайрон: «Туркистон қўймидики ким етакласа кетаверадиган. Тобе бўлувимизга нима учун қаттиқ ишонишади булар?» Миркомилбой ҳозир ҳам шу савол атрофида айланиб, Хаустоннинг асл мақсадини тушунмоқ истарди. Англияга, ўғиллари ҳузурига олиб боришга ваъда қилиши — қармоқ учидаги чувалчангдек гап, Миркомилбой нодон балиқ эмаски, бу қармоққа илина қолса. Афғонистонга бориш, амир билан юзма-юз бўлиш Туркистонга нима наф беради? Ҳожи шуни англаб етиши керак. У ҳозир минг ўйлагани билан бари бир аниқ мақсаднинг илдизига етиб боролмайди. Чунки Афғонистондаги воқеалардан у тўлиқ бохабар эмас. Амирнинг ўз чодирида ўлдирилганини, ўрнига учинчи ўғил тахтга ўтирганини билади холос. Англия билан уруш бошланиб кетгани, бу урушда афғонларни енгиш қийинлашиб бораётгани, Ҳиндистондаги ғалаёнлар инглизларни анча шошириб қўйганидан бехабар.

Тулки минг бир ҳийлага эга бўлса ҳам, қопқонга тушиб қолади. Миркомилбой тулки қисматига шерик бўлишни истамайди. Шу учун ўзича ажойиб бир қарорга келди:
— Жаноб, менинг юртдан узоқлашиш ниятим йўқ. Бу тупроқнинг покизаланишига умидим бор ҳали. Афғонистонга жўнашимни маъқул кўрар экансиз, майли, сиз айтганча бўла қолсин. Аммо Кобулдан Ҳиндистонга, ундан Англиёга юришни режангиздан чиқариб ташланг. Ишни бундай қиламиз: сиз юртингиздаги баобрў жанобларга етказинг: ўғилларим Ҳиндистон орқали Кобулга келсинлар. Вазифангизни адо этганимдан сўнг, биргаликда Тошкентга қайтамиз. Маъқулми?

Хаустон кулимсиради.
— Биз учун бундан осон иш йўқ. Асадулла Миръалам тақдирини бирга ҳам этамиз. Мен Тошкентдан чиқиб кетаман. Сизни Бухорода кутиб оламан. Аввалгидай ишончли одамлар билан боғланиб турамиз.

Хаустон бу ердан шом қоронғисида чиқиб кетмоқчи эди. Шу сабабли шошилмади. Икковлон «дунёнинг ишлари»дан гаплашиб ўтирдилар. Бу тил учидаги дилкаш суҳбат эди. Аслида ҳар бирининг хаёли бошқа гаплар билан банд.

Миркомилбой, гарчи сафарга ризолик бериб қўйган бўлса-да, Хаустоннинг яширин мақсадларини изларди.

Хаустон эса уй эгасининг маккорлигига ҳам қойил қолиб, ҳам ғаши келиб ўтирар эди. Хаустон умрининг анчаси Шарқда ўтди. Керак пайтида гадога ҳамтовоқ бўлди, керагида манман деган бойларнинг бурнидан ип ўтказиб истаган йўриғига солди. Кўпни кўрди, аммо Миркомилбойдайини кўрмади. Бу одамни ҳатто ЧК ҳам йўқ қила олмади. У ёқда мухториятчилар, бу ёқда осиповчилар, твочилар бадном бўлиб кетдилар. Манман деган сиёсатчилар, раҳнамоларнинг бири авахтада чирияпти, бири сарсонликда юрибди. Ҳожи эса сувдан қуруқ чиқди. Унинг Қўқонга борганини, бу ерда Осипов билан алоқада бўлиб турганини жуда оз одам биларди. Биладиганларнинг ҳам оғзи маҳкам эди. Хаустон юрагида бир оғир дард бор эди: у шарқликларни одам ўрнида кўрмас, унинг учун энг оғири — буни ошкор эта олмас эди. Касб-кори шунга мажбур қиларди. Таги паст одамни кўпчилик орасида улуғлаб, «насли тоза аслзода» эканини исботлагандан, туғма аҳмоқ одамнинг «беҳад ўткир зеҳни» ҳақида гапиргандан кейин ҳаромга қўл ургандай ижирғанарди. Унинг юрагидаги дардлар юртига йўлланган мактубларга кўчарди, Тошкентда бошпана топган ўзга хорижийлар билан суҳбатларда пича фориғ бўларди.

Лекин истисно тариқасида айрим одамларни ёқтириб ҳам қоларди. Миркомилбой номи ана шу кичик рўйхатга кирган эди. Бой фақат оёқ остига қарамасдан, узоқни кўзларди. Узоқни мўлжал қилганлар, Хаустоннинг назарида ўткир мулоҳазали бўлишади, булар билан иш пишитсанг қоқилмайсан. Хаустон ўн еттинчи йил воқеаларида бу одамнинг қўллаган юришларига беш кетди. У ҳокимият учун курашган жамиятларга ҳотамтойлик қилди. Аммо ўзи ҳокимиятга интилмади — четда турди. «Мен бойман, мен ҳукмдор бўламан», деганларнинг нечтаси ин-инига кириб кетди. Ҳокимият болшевиклардан тортиб олинганда ҳам бу ҳожи давлат бошига интилмасди. Икки заводни уч, учни тўрт қиларди. Пул бунинг қўлида бўлгандан кейин ҳокимият бошлиғи кимнинг ноғорасига ўйнарди? Пул қаёққа оқса — бахт шу томонга оқади. Миркомилбой буни бошқалардан кўра яхшироқ биларди. Хаустон унинг шу зийраклигига тан берарди.

Мана ҳозир ҳам унинг жавобларгиа лол қолиб ўтирибди. Хаустон бу ерга келишида айтадиганларини минг тарозига солиб кўрган, Миркомилбойнинг тузоқни излаб қолишини ҳам ҳисобга олган эди. Ўйлай-уйлай Англияга, ўғиллари ҳузурига боришни тузоқ ўрнида ишлатишга қарор қилди. Ўйлагани тўғри бўлиб, ҳожи илинди. Шу сабабли ҳам Хаустон унинг шартига кўна қолди. «Э, бой, — деб ўйлади у, — макрнинг ҳам чегараси бор. Хаустонни лақиллатадиган шарқлик ҳали дунёга келмаган. Сен юртни тўрқовоқдаги бедана деб ўйлайсан шекилли. Бугун тўрқовоқни Петербург қўлидан олиб бизга инъом этмоқчисан. Лекин билиб турибман, уни эртага Истамбулга узатишдан тоймайсан. Буюк Британия боғидаги тўрқовоқларнинг бирида Ҳиндистон, иккинчисида Эрон, учинчисида Афғонистон сайраб турибди. Хотиринг жам бўлсин: Туркистон ҳам улар ёнида умрбод қолади. Англия қудрати қаёқда-ю, сенинг хомхаёлинг қаёқда!..»

Хаустон шомда ўрнидан қўзғалди. Уни ҳовлигача кузатиб чиққан Миркомилбой хайрлашиш учун узатилган қўлни олиб, дарров қўйиб юбормади.
— Жаноб Хаустон, сиз ўғилларимнинг тақдирини пеш қилиб, бу ўйинни ютдим, десангиз янглишасиз. Менинг ўғилларимдан кўнглим тўқ, улар хор бўлмайдилар. Назаримда, афғон амирини йўлдан қайтариш сизга жуда зарур. Бунинг учун ўғилларимни гаровга қўйишдан қайтмадингиз.

Хаустон иштони йиртиқлиги маълум бўлиб, сири очилган одамдай шошиб қолди. Эътироз билдирмоқчи эди, бой оғиз очиргани қўймади.
— Мен амир билан музокара юритишга тайёрман. Аммо билиб қўйинг: ўғилларимни Кобулда кўрганимдан кейингина ишга киришаман. «Миркомилбой қўрқяпти», деб ўйламанг. Нимадан қўрқаман, бир бошга бир ўлим. Хоҳласам, сиз айтгандай Англиёга жўнаворишим ҳам мумкин. Сизнинг бойларингиздан кам эмасман. Аммо... — ҳожи тин олди, — мен умрим бўйи кўп нарсалар билан савдо қилганман. Фойда тушадиган жойдан қайтиш йўқ. Лекин... юртимни савдога қўйишни сира ўйламаганман. Шу фикр хаёлимга келган бўлса, каломулло урсин. Энди мен билан иш юритганингизда шуларни ҳисобга олиб қўйинг...

Миркомилбой шундай дегач, меҳмоннинг қўлини бир силтаб, қўйиб юборди. Хаустон танг қотди: бу ўша, ўзи билган бойми? Унинг зеҳнига юқори баҳо берган эди, аммо бу даражада бўлишни кутмовди. Чиндан ҳам бой билан энди теппа-тенгига муомала қилиши керакми? Баъзан шунақа ён босишга ҳам тўғри келади. Начора!

Муҳиддин Хаустоннинг орқасидан соядек илашиб, Эскижўвагача борди. Меҳмон извошга ўтиргандан кейин бир оз сабр қилди-да, сўнг извош кира қилиб, унинг изидан жўнади. Хаустоннинг уйига хожаси билан кетма-кет етиб борди.

Унга қараб туриб, Хаустон ўзича мамнун бўлди. Бу айиқдй йигитни Қўқонда Эргашнинг чангалидан тортиб олган эди. Ҳамма Қўқон дардида юрганда бу йигит Эргашга аталган қиз билан овора бўлибди. Қўрбошининг қаҳрига учраган одамнинг биронтаси шу пайтгача тирик қолган эмас. Муҳиддиннинг қисмати ҳам шу бўларди. Бахтига шу инглис орага тушди. Мана бир йилдан ошди, Муҳиддин хизматларини беминнат адо этиб юрибди. Нечта одамнинг калласини олиб бир туки қилт этмаган бу йигитга қараб туриб, баъзан Хаустоннинг юрагига қўрқув ораларди: бу хумдай калла ичида нима хаёл борлигини қаердан билсин? Отасини чавақлашдан тоймайдиган одамдан ҳар нарсани кутиш мумкин. Шу сабабли ҳам Хаустон унга ҳамиша юмшоқ гапиради. Кўнглини оғритмасликка ҳаракат қилади. «Чўпни хор тутма, кўзингга санчилур», деб бекорга айтмаганлар-ку, ахир!

Кўриниши қаҳрли бўлган бу инглиснинг яхши муомалада юриши Муҳиддинга таъсир қилган эди. У Эргаш қўрбошининг одам боласи бажариши мушкул бўлган юмушларигача эплаб келарди. Аммо яхши гап эшитмасди. Қўрбоши жуда эриб кетган тақдирда: «Оббо занғар-э, боплабсан», деб қўярди. Хизматларининг оқибати нима бўлди — жонини битта қизга олмади. Бу инглисни Худо етказдими, билмайди, ҳар ҳолда шу одам бўлмаса битта қизнинг оҳ-воҳига жонини тикиб, бу дунёдан кўз юмиб кетаверарди. Муҳиддин Хаустонни аввал халоскорим деб сиғинган бўлса, энди уни авлиёдай азиз кўрарди. Яхши гап билан илон инидан чиқади, дейишади. Буни қарангки, яхши гап билан каллакесарнинг ҳам юрагини забт эта олиш мумкин экан.

Муҳиддин уй остонасида тўхтаб, амр кутди. Кутилмаганда Хаустон ёнидан жой кўрсатиб, «ўтир», деди. Муҳиддин чанг этиги билан гиламни босиб ўтиб, кўрпачага чордана қурди. У ҳар сафар шундай қилади. Ҳар сафар Хаустоннинг ғазаби келади. Аммо индамайди: гилам жондан азиз эмас-ку!
— Бир юмуш бор, — деди Хаустон. Муҳиддин унга бақрайиб тикилиб қаради. Бу қарашга инглис дош беролмай нигоҳини четга олди. — Бир одамнинг дўпписи керак.
— Шунинг ўзими! — деди Муҳиддин яйраб жилмайиб. — Қўлимдан келмайдиган ишмикан, депман. Ўша одамни айтинг, бошини олиб келай, дўпписини ўз қўлингиз билан олинг.
— Сен Худо ярлақаган одамсан. Оллоҳ ёмонларнинг жонини сенинг қўлинг билан олади. У дунё-бу дунё кам бўлмайсан. Шу ишни қилганингдан сўнг, истасанг, уч-тўрт кун Фарғонангга бориб кел, кейин олис сафарга жўнайсан.
— Фарғонада менга нима бор, хўжайин, сиз қаерда бўлсангиз мен ҳам шундаман.
— Қойилман, сенга. Қулоғингга қуйиб ол: Миробод маҳалласига борасан. Асадулла Мираълам деганни топасан. Уйи болохонали дейишади. Болохонасида даҳрий томошалар кўрсатаркан, топишинг осон бўлади. Аммо эҳтиёт бўл: овоз чиқмасин. Болшевикларнинг керакли одами у. Дўпписини олишга уринма. Кули кўкка учса ҳам майли. Ундан ном-нишон қолмаслиги керак. Бу ишни қойиллатганингдан кейин Миркомил ҳожи отанг билан сафарга жўнайсан.

Муҳиддин, англадим, дегандай ўрнидан туриб, қуллуқ қилди. Белбоғи орасидн ошиқ олиб, «гардкам!» деб гиламга ташлади-да: «Ё Жамшид, нафасингдан!» — деганича тепди. Ошиқ юмалаб бориб олчи турди. Хаустон кулумсиради. Муҳиддин ҳар сафар шундай қилади. Ҳар сафар ошиқ олчи тургач, кўнгли хотиржам бўлиб, хизматни адо этишга жўнайди.

У ошиқни олиб, ўпиб қўйди-да, яна белбоғига қистириб, Хаустонга қаради.
— Хўжайин, пича ақча керак.

Хаустон унинг мақсадини дарров фаҳмлади; у пулни оладию Каллахонагами, Лангаргами боради. Ошиқ тепиб, аввал атайин ютқизади, кейин қиморбозларнинг хонумонини куйдирди. Кейин қарзга ботган, хотини ёки қизини ютқазган беш-олти чапанини ишга солади. Бир фалокт босиб иш пачава бўлса ҳам шуларнинг ўзи балогардон. Мол эгасига ўхшамаса харом ўлади, деганларича бор. Муҳиддин эҳтиёткорликда хўжасидан қолишмайди. Хаустон мана шунисидан мамнун.

3

Чақирилмаган меҳмон чиқиб кетгач, бойнинг юрагига яна ғашлик оралади. У Маккаи мукаррамага отланган чоғида Асадулла билан биринчи бор учрашган эди. Жадидларнинг фаолларидан ҳисобланмиш бу йигит Себзордаги шу уйга келиб, бойга «Адабиёт ёхуд миллий шеърлар» деган китобини тақдим этган, ўзбекларга янгича сабоқ бериш, дунёвий илмларни ўргатиш ҳақида куюниб гапирган эди. Миркомилбойга унинг жонкуярлиги ёқиб, сўраган нарсасини — янги усул мактабга аталган ҳадя пулни бериб юборган эди. Кейинроқ Асадулланинг бошқа йўлга кирганини билиб, астойдил афсусланди. Шунга қарамай «Сибирдан эси кириб қайтгандир», деб «Шўройи исломиянинг газетини шунга топширишни таклиф қилди. Бу газитда Асадулла дин аҳли орасидаги жоҳилларнинг шармандасини чиқарганини маъқуллади. Чунки айрим дин арбобларининг миллатни жаҳолатга тортуви унга ёқмас, улар қўлидаги ҳокимиятнинг бирон нимага эришувига ишонмас ҳам эди. Унинг фикрича, дин арбобларининг сиёсатга аралашуви ишни фақат бузар эди. Асадулла ҳам, дўсти Мирмуҳсин ҳам буни яхши англаб, диндорларнинг айбларини фош этди. Ўшанда «Уламо»нинг ҳукмини эшитиб, Миркомил ҳожининг юрагидаги бир томир узилгандай бўлиб эди. «Бир одамга ўлимни раво кўрмоқ бунчалар осон. Бир одам ўлгани билан бу «Уламо» гуркираб яшнаб кетадими? Ё бир одамнинг ўлимидан сўнг ҳаёт чиройлироқ бўлиб қолармиди? Бир-бировимизни шу зайлда қириб, адо этамизми? — деб ўйлаганди у. — Бир қавм ўзаро қирғин бошласа улар орасида ғолиб бўлмайди. Нодонлар наҳот буни англамасалар? Мушриклар Расулуллоҳни ҳақоратлар қилганлари етмай, тош отиб, озор етказганларида ҳам, муҳтарам афандимиз уларни ўлимга ҳукм этиш у ёқда турсин, ҳатто дуойи бад ҳам қилмаган эканлар. Бу нодонлар эса биргина ҳақ гапга чидай олмасдан бемаъни фатвога қўл очиб ўтирсалар... Оқибат не бўлар экан энди...»

Оқибат шу бўлдики, уламолар ҳукмининг ижроси энди Хаустон истаги билан амалга ошмоқчи. Балки уламолар бу қарордан огоҳ эмасдирлар. Асадулла ўлдирилгач, «Жазосини Оллоҳнинг ўзи берди», деб қўя қолишар... Бойнинг кўнгли шундан хижил бўлди. Асадуллани хавфдан огоҳ қилиш фикри ҳам туғилди. Аммо бошқа бир куч уни тўхтатди: «Халқни мендан кам яхши кўрмас эди. Лекин боши гангиди. Йўлга кўндаланг туриб қолди. Тақдири шу эканда. Мениг йўриғимда юрганида кўпроқ савобли ишлар қилармиди... Шундай миллатпарвар одам нобуд бўлиб кетаверадими... Аттанг... Нима бўлса ҳам энди гуноҳ «Уламо»да...» — деб нотинч кўнглини овутди. Фақат ноҳақ ҳукм чиқарганларгина эмас, бу ҳукмнинг ижросини бефарқ кузатгувчилар ҳам Яратган ҳузурида гуноҳкор эканлигини фаҳм этмади.

Миркомил ҳожи Асадулла билан охирги марта Осипов исёнидан кейинги ғалағовур кунларда кўришган эди. Осипов отиб ташлаган комиссарлар орасидаги биттагина ўзбекнинг тасодиф билан тирик қолиши болшевикларга маҳаллий миллат вакилларини хоинликда айблашга баҳона бўлди. Янги ижроқўмдан уни чиқариб, Асадулланинг сайланиши Миркомил ҳожига хуш келмади. Асадуллани йўқлатиб, бу йўлдан қайтаришга ундамоқчи бўлганида унинг ўзи келиб қолди.

Шаҳарни иккига бўлиб оқувчи Ўрда сувининг сўл томонида яшовчиларнинг аҳволи ночор эканлигини баён қилиб, озиқ-овқатдан кўмак беришга даъват этди. Миркомил ҳожи унинг жонкуярлик билн айтаётган сўзларини диққат билан тинглаб, жавоб беришга ошиқмади. Асадулла ҳам уни шошилтирмади.
— Ўрданинг бу томонидаги эски шаҳар аҳолисининг аҳволи ҳам ночор, афандим, — деди ҳожи Асадуллага синовчан тикилиб. — Улар ҳам аллақачондан бери бир тишлам нонга зорлар.
— Биламан, — деди Асадулла, енгил хўрсиниб. — Аммо, эски шаҳарликларнинг дастурхонида озгина бўлса ҳам туршакми, ёнғоқми, нонжийдами — ҳар ҳолда бор. Буғдойга ўроқ тушадиган пайтга эсон-омон етиб оладилар, Худо хоҳласа.
— Афандим, бу лафзингиз ажаб ғаройиб бўлдими, а? Агар Ўрданинг нариги томонидагиларнинг дастурхонида туршагу жийда бўлмаса эски шаҳарликлар айбдорми? Буғдойни нонга ишлатмай, ачитиб ароқ ҳайдаётган бўлсалар-чи? Агар менинг имконим топилгудай бўлса, кўмакни эски шаҳарга бераман. Ортса... яна ўйлаб кўрарман...
— Тақсир, ҳозир айирмачилик қиладиган пайт эмас,— деди Асадулла танбеҳ оҳангида.
— Топиб гапирдингиз, афандим. Айримачиликдан ҳеч замон яхшилик келиб чиқмаган. Буни ижроқўмдаги биродарларингиз ҳам билишармикин?
— Бу сўзларингиздан мақсадингизни англамайроқ турибман?
— Айримачиларнинг энг улуғлари комиссар1ларингиз-ку? Сизни йўқлаб, бир фикр билдиришни ният қилиб юрувдим, ният холис экан, ўзингиз келдингиз. Энди шу фикримни айтай: Марказий ижроқўмда Низомиддинхўжа ўрнига бўлувингиз менга сира-сира хуш келмади. Балки сиёсат бобида ақлим қосирдир, аммо шу калта ақлим дейдики: сиз ўрис ва яҳудий комиссарларнинг аниқ мақсадларини дуруст фаҳмламай уларнинг ноғорларига ўйнамоқликни лозим кўряпсиз?
— Уларнинг мақсадларини сиз фаҳмлайсизми? Билсангиз айтинг?
— Афандим, сизнинг зеҳнингиз меникидан ўткирроқ. Худо сизга ақлдан берган: ўйланг-чи, бу юрт бизники бўлса-ю, юртни бошқаришга тайин қилинмиш Марказий ижроқўмда биттагина ўзбек бўлса? Бошқалари ўрусми, яҳудийми, яна кимлар.. қайси ақлга сиғар иш бу? Улар бизларни ўзларининг хоҳишлари билан бошқарадилар. Эҳтиётдан битта ўзбекними ё қозоқними сафларида ушлаб турадилару бир фалокат юз берса ўзлари оппоғу ўша ўзбекми қозоқми балогардон. Мисол керакми? Осипов исёнида Низомиддинхўжанинг иштироки йўқ эса-да, уни айбладилар. Эртага Ўрданинг у бетида битта одам очдан ўлса ёки очлар ғалаён кўтарса сизни айблайдилар. Сизга маслаҳатим, ижроқўмдан чиқинг, қанақанги номаъқул бузоқнинг гўштини егилари келса ўзлари еяверсинлар. Эл-юрт олдида ҳам жавобни ўзлари берсинлар.
— Сиз айтаётган йўл мақбул эмас, тақсир. Биз ижроқўмдан чиқишни эмас, унда кўпроқ ўрин эгалламоқни ўйлашимиз керак.
— Ўйчи ўйига етгунича таваккалчи уйига етади. Эртага алданган гўл бола ҳолига тушиб қолиб, йиғлаб юрмасангиз эди, деб қўрқаман. Оқ подшо бир бурда бўлса ҳам нон бериб турарди. Болшевикларингиз шунинг эвини ҳам қилолмаяпти. Наҳот сизга шу ночорлик йўли мақбул бўлса? «Оҳ, миллат, миллат!» — деб юриб, миллатни хорликка бошламаяпсизми?
— Сиз оқ подшоннинг замонини қўмсаяпсизми?
— Худо сақласин! Хоссатан, у замон менга маъқул кўринар. Бойлигимга бойлик қўшилган замонлар эди. Омматан эса у ҳам хорлик замони эдиким, буни тан оламан. Яна омматан шуки, подшо замони ҳам, сизнинг замонангиз ҳам бир гўр — халққа нур бермайди. Сиз орзу қилган миллат эрки сароблигича қолаверади.
— Айбситманг, тақсир, сизга бир тўғри гап айтай: мол-дунёдан айрилиб, кўзларингиз пича хира тортибди. Шўроларнинг афзаллигини мутлақо кўрмаяпсиз.
— Ажаб, ажаб, — деди Миркомил бой, — кўрмаганимни кўрсатинг-чи?
— Овруполиклар Амриқони забт этганларида ерлик хиндуларни чўлу биёбонларга, тоғу тошларга кўчириб, унумдор ерларни эгаллаб олган эканлар. Оқ подшо ҳам шу усулни қўллашни иҳтиёр этган эди, бундан бехабармисиз? Ўзбекларнинг қисматида ерларини мужикларга бўшатиб, чўлларга чиқиб кетиш ёзилган экан. Болшевиклар бунга барҳам бердилар-ку?
— Даганингиз вақтинча чора, афандим. Қараб туринг, замонни тинчитиб олишгач, яна оқ подшонинг йўлига қайтадилар. У замонларда балки сиз билан биз бўлмасмиз. Мен авлодларимизнинг «Оталаримиз жуда нодон бўлган эканлар», дейишларидан хижолатдаман. Сиз мол-дунёни тилга олдингиз, а? Ҳа, зохиран «мол аччиғи — жон аччиғи» бўлиб кўринадир. Бироқ, инонинг афандим, қўлдан кетган бойлика армон қилмасман. Бойлик кимга бахт берибдики, менга вафо қилса. Оллоҳ лозим кўриб бу бойликни омонатга берган экан, истади-ю, қайтариб олди-қўйди. Берганда шукур қилиб эдим. Энди ҳам шукурдаман, қиёматдаги ҳисобим осонлашди. Мендан кўра хорланганлар бор, ночорлар бор. Ўшалардан қилмаганига шукур. Сиз мулла одамсиз, Оллоҳнинг муқаддас каломларини биласиз, Қудсий ҳадисда марҳамат қилинишича, Яратган эгам деб эмишки: «Эй Одам фарзанди, сенга уч нарсани иҳтиёр қилдим: яъни, оила аҳлингни, молу дунёйингни ва амалингни. Аммо, мол-дунёйинг сен ўлиб, оёғинг ердан узилиши билан ортингда қолади. Оёғинг уйдан чиқиши билан оиланг ҳам ажралиб қоладилар. Кейин қабрда бўласан. Қиёмат кунида фақат яхши амалинг фойда беради. Амалинг тузук бўлса сени ҳам тузатиб қўяр, агар ёмон бўлса, сени ҳалок этгувчи ерга топширар...» Афандим, баёнда хатога йўл бериб қўймадимми?
— Хато-ку қилмадингиз, бироқ, «яхши амал» деганингизга ночорларга ёрдам бериш ҳам киради. Бу масъалада кофирми-мусулмонми қаралмайди.
— Бу гапингиз дуруст. Мақсадингизни англагандай бўлиб турибман: Расулуллоҳ кофирларга хайр-эҳсон қилишни буюрганлар, локин босқинчиларга эмас. Агар сиз айтаётган ночорлар Ўрданинг у бетида эмас, ўзларининг ота юртларида бўлсалар эди, бизларни босқин қилмасалар эди, уларга сўнгги тишлам нонимни юбориб, ўзим очдан ўлишга ҳам тайёр эдим. Шундай қилмасам, мени мусулмон деманг эди.

Бу гапдан кейин Асадулла яна шўроларга ишонмоқ мумкинлигини, истиқболда тўкин ва озод ҳаёт чиройли жилмайиш билан кутмоқда эканини ишонтирмоққа уринди. Миркомил ҳожи бу эски гапларни тоқат билан эшитди. Ҳамсуҳбати сўзламоқдан тингач:
— Кўряпманки, ақидангизга собит экансиз. Сизни ақидангиздан қайтармоққа уриниш — шамолга қарши қичқириш каби бўлса-да, мусулмонлик бурчимга риоя этиб, огоҳлантирмоғим шартга ўхшайди: биларсиз, Оллоҳ демиш эканки: «Эй бандам, агар менга бир қарич яқин келсанг — мен сенга бир қулоч яқинлшаман. Агар менга қараб секин юрсанг — мен сенга қараб қаттиқроқ югураман». Ожиз фикрим деяпти-ки, сиз бир қарич яқин юриш ўрнига тобора қочяпсиз. Яратган эгамдан узоқлашмоқнинг охири хайрли эмасдир. Шундан огоҳ бўлсангиз бас...

Бу гапларнинг тўғрилигига Асадулла амин бўлса-да, ҳамсуҳбатидан эшитиш малол келди. У суҳбатдан норози эканини яширмай деди:
— Сизни аввалдан билмаганимда «душманим яна биттага кўпайди» деб қайтардим. Вақти келиб ҳаммаслак бўлармиз, деган умидим бор эди. Ҳар ҳолда сиз халқнинг қисматига бефарқ эмас эдингиз?
— Сиз билан ҳаммаслак бўлмоқлик менингда умидим эди. Афсусим шуки, сиз ножўя қирғоқни танлаб қўйдингиз. Савоҳил айри-айри, йўлларимиз айри-айри экан, начора...

Миркомилбой Асадулла билан бўлган шу суҳбатни эслаб: «Ўшандаёқ паймонаси тўлган эканда, ўша кўришувимиз охиргиси эканда. Эндиги дийдор қиёматдами? Я Роббим, адашган мусулмон бандаларига ўзинг раҳм қил», деб қўйди.

Иккинчи боб - Хайрли Сабоҳ

1

Дунёни тўрт йил беҳаловат қилган уруш барҳам топди. Жанглар Европа ерларида ўтгани билан унинг нафаси Осиёга ҳам етиб келган эди. Афғонистон амири Ҳабибуллохон Германиянинг мағлуб бўлгани ҳақидаги хабарни эшитиб, тўғри йўлдан оздирмаган Яратганга шукрлар қилди. Берлиндан Кобулга қадар машаққатли йўлни босиб келган немис элининг элчилари қанчалик уринмасинлар, қанчалик ваъдалар бермасинлар, Афғонистонни Ҳиндистон сари қўшин тортиб, Англияга қарши уруш бошлашга кўндира олмаган эдилар. Аниқроғи, Ҳабибуллохон кўпроқ Англиянинг ваъдасига ишонган эди. Ана энди ҳисоб-китоб вақти етди: Афғонистон урушга аралашмади, шунинг ҳисобига хазинаси тўладиган бўлди.

Ҳисоб-китоб вақти етганини фақат Афғонистон амири эмас, балки Германияга қарши урушган йигирма етти давлат раҳнамолари ҳам англаб, мағлубнинг бойликларини талаш бўйича ўзларича режа тузарди. Ғолиб давлатларнинг раҳбарлари Париждаги учрашга тайёрланаётган онларда Кобулда сарой аҳли амирнинг Жалолободга, қишлик қароргоҳига жўнашига тадорик кўрар эди. Амир Парижда дунё аҳамиятига молик масалалар ҳал этилажагидан хабардор эди ва шу боис мазкур йиғиндан ҳам фойдаланишни режа қилганди. У яқинлари билан кенгашиб, Англияга нома юборишни лозим топди. То улуғ давлатлар Парижга тўплангунларича Англия Афғонистоннинг талабини мулоҳаза қилиб кўради. Йўқ деса, ўзига қийин, амир Парижга боришга ҳам тайёр. Унинг бу қарори фақат ўзигаю Яратганга аён. Шу боис аҳднинг қатъийлиги хусусида фикр билдириш қийин.

Ҳозир амирнинг қўлига Ҳиндистон ноиб-қиролига жўнатилажак мактуб қораламасини тутқаздилар. Ҳабибуллохон унга кўз югуртирди:

«...Маълумингизким, Жаҳон муҳорибаси аввалида Алммон вакиллари Буюк Афғонистон туфроғига бош уриб келиб, афғон элини Алмония ҳамда турк эли томонида туриб, Жаҳон муҳорибасига кирмоқға ундаган эдилар. Буюк Афғонистонга кўп ваъдалар инъом этилгани инобатга олинмай, зиё ал-миллат ва-д-дин жаннатмакон падарим амир Абдураҳмонхон томонидан Буюк Инглистон ҳукумати ила имзоланган битимга содиқ қолишни лозим топиб, Алмон ваколасини юртимиздан бадарға қилдик. Бизнинг бу қарори олийимиз Буюк Инглистонга хуш келиб, Буюк Афғонистонни тақдирлаш хусусида ваъдалар инъом қилиб эди. Яъниким, муҳориба тугагач, Буюк Инглистон ҳукумати Буюк Афғонистон хазинасига эллик миллион рупий бермаги лозим эди. Бу — бирламчи.

Иккиламчи: Буюк Инглистон Буюк Афғонистоннинг барча муаммолар борасида мустақил ҳукм чиқара олишига имкон бериш хусусидаги ўз ваъдаларига амал қилиб, Фарангистонга жам бўлажак ҳукуматларга мурожаат этса, Буюк Афғонистоннинг ҳурлиги, эркинлиги, шунингдек, мутлақ мустақиллигини, яъни инон-ихтиёримизни ўз қўлимизга тўла берилуви, келгуси замонларда ҳам бизнинг ишларимизга аралашувдан, афғон элига зиён-заҳмат етказувдан ўзларини тияжакларини эътироф этувчи ёрлиқларни олиб, менга юборса — нур аланнур. Билъакс, Буюк Афғонистоннинг ўзи Фарангистон қурултойида иштирок этмакни лозим кўриб, қурултой аҳлига ўз ҳақ-ҳуқуқларини англатади, Тангри таолонинг инояти ила Буюк Афғонистон ҳукуматига мутлақ мустақиллик инъом этувчи ёрлиқларни ола билади...»

Амир мактубнинг сўнгги жумласини қайта-қайта ўқиди. У қарийб йигирма йил бадалида Англия номига бундай кескин оҳангдаги мактуб битмаган эди. «Бу талаблар Инглистоннинг қаҳрини қўзғатади. Сўнг оқибат нима бўлади?» Ҳабибуллохон ижобий жавобга ишонмас эди. Қайси нодон арслон панжасидаги ўлжасини озодликка чиқариб юборибди? Балки қорни тўқ шер ўлжасини бир оз эркин қўяр, аммо оқибат нима бўлиши тайин-ку?! Англия рад жавоби бергач (умуман, жавоб қайтаришни лозим кўрмаса-чи?), амир аҳдида туриб Парижга бормоғи ҳам мумкин. У ўйлаган ишининг ҳақлигига ишонса, ҳеч нимадан қайтмайдиган қайсар одам. Парижга боришга-ку бораверади. Аммо мустақиллик ёрлиғига қандай эришади? Парижга жам бўлганлар унинг сўзларига қулоқ осадиларми ёхуд Англиянинг даъволаригами? Амирни шу жумбоқ қийнарди. Шу жумбоқ мактубга муҳр босишга тўсқинлик қиларди.

Шу ўйда ўтирганда укаси Насруллохон кирди. Амир бу сафар Кобулни учинчи ўғли Омонуллохонга топшириб кетаётган эди. Насруллохон амирни бу фикрдан қайтармоқ қасида унга рўпара келиб «Омонуллохон ўзбошимча, у сизга нисбатан падаразаннинг йўлини афзал билади. Омонуллохон бирон-бир ғалвани бошлаб қўймати ҳам мумкин... Пойтахт мўмин-қобил тахт ворисига, тўнғич ўғилга қолдирилгани маъқулмикин...» деди. Амир укасининг узундан-узоқ гапларини индамай эшитди. Насруллохон жим бўлиши билан жавобни ҳаяллтмади:
— Биз фармон берганмиз...

Бўлак гапга ҳожат йўқ эди. Насруллохонга акасининг одати маълум. Акасига рўпра келишнинг бефойдалигини билса ҳам, чиқмаган жондан умид деган ўй билан кирган эди. Бўшашиб изига қайтди.

Ҳабибуллохон укасининг изидан қараб ғижинди. «Омонуллодан қўрқади. Унга Иноятуллонинг баёвлиги маъқул. Истаган йўриғига солади. Омонулло бундай эмас. Мендан кейин жонини олса-Омонулло олади. У шундан хавотирда...»

Амир мактубга яна бир кўз ташлади-да, уни нари сурди. «Фурсат бор ҳали. Мулоҳаза қилмоқ даркор». У мазкур ҳаракати билан мактубни эмас, балки сирли қотиллик онини нари сурди. Шу бўйи амир мактубни яна бир ойдан кейин, йўлбарс овидан хушнуд қайтганида қўлга олади. Ажабтовур дадиллик билан муҳр босади. Бу дадиллик ҳаётига нуқта қўяжагини, мактуби охир-оқибат умуман жавобсиз қолиб кетажагини билмайди. Ҳатто умрининг сўнгги соатларида, ором олмоқ учун чодирига кириб кетаётганида ҳам буни ўйламайди...

Ҳали бу воқеаларга анча вақт бор. Ҳозир у Кобулда. Эртага Афғонистоннинг кунчиқаридаги сулув Жалолободга жўнайди.

Укаси чиқиб кетгач, унинг гапларини мулоҳаза қилиб кўриб, ўғлини чақиришни лозим топди.

Амирзоданинг қадди-басти отасига ўхшарди: оёқлари гавдасига номутаносиб — сал калтароқ эди. Шунга қарамай, у отасига нисбатан чаққон, серҳаракат эди. Амир семириб кетгани сабабли гавдасидаги номутаносиблик аниқроқ сезиларди. Баданига ёпишиб турувчи ҳарбий кийими, белидаги тилла безакли энли камар гўё уни ёнига ўсишдан тўхтатиб турувчи воситага ўхшарди. Тилла попукли погон, кўкрагидаги ҳар бири ўн яшар боланинг шапалоғидай келадиган нишонлар эса уни пастга босиб тургандай эди. Калта қора соқолли амир оғир-оғир қадам босарди.

Амир хонага чаққон қадамлар билан кириб қуллуқ қилган ўғлини кўриб, жилмайди. Тикилиб қараганда ҳар қандай одамни довдиратиб қўядиган ўткир нигоҳини ўғлига қадади. Унинг кўзида ғазаб ҳам, ташвиш ҳам йўқ эди. У гўё соғинган одамига қараб тўйиб олмоқчидай тикиларди. Омонулло отасининг бу ҳолатига тушунмай, тараддудланди. Юқорига қайрилган калта мўйлабини силаб, ерга қаради.
— Пойтахтни сенга, сени Халлоқи оламга инониб кетяпман, — деди ниҳоят амир. — Аммо хавотирим бор, — амир шундай деб ўғлига савол назари билан тикилди.
— Нимадан? — деди амирзода ажабланиб.
— Енгилсан. Бошбошдоқликка мойилсан. Ҳукмни ўтказмоқда ожиз бўлиб қолмасмикансан? Ҳукмни ўтказмоқ учун қаттиққўл, оғир бўлмоқ даркор. Кўнгилбўшлик фуқарони тўзитиб юборади.
— Одиллик-чи?

Амир ўғлига яқинлашиб, уни икки елкасидан ушлади:
— Давлатнинг уствори — одиллик. Амир — Оллоҳнинг ердаги ноиби. Тангри йўлидаги одиллик ила қаттиққўллик қилмоқ эса бурчимиз. Афғонистон — худодот мамлакат. Исломни ғайридинлардан халос этмоқ учун Оллоҳ марҳаматини дариғ тутмай Афғонистонни танлаган. Буни унутма.

Ҳабибуллохон юмшоқ курсига ўтириб, ўғлига жой кўрсатди.
— Оллоҳнинг мажбуриятини англаганман, аммо уни амалга ошириш йўлларини билмакка ақлим қосирлик қиляпти, — деди Омонуллохон, отаси ёнига омонатгина ўтириб.
— Дунё қалқиб турибди. Биз эҳтиёткор сайёд сайдини пойлагани каби ғазавотга кўтарилиш онини кутамиз. Инглистондан ваъда қилинган пулларни ундиргач, милтиқлар, замбараклар сотиб оламиз.
— Пуштулар биздан яроғ кутишяпти. Жиҳодга чорлашяпти. Афғонистоннинг баданига қилич бўлиб тушган Дюранднинг шартномаси уч миллион афғонни биздан айириб турибдими? Бу қилич йигирма олти йилдан бери қабилаларни қон қақшатяпти-ку? Афғонистон худодот мамлакат бўлмоғи учун аввал шу қилични синдириб ташлаш керакмасми?

«Падарзанининг сабоғи». Шу фикр хаёлига урилиб, амирнинг юзида заҳарли жилмайиш зоҳир бўлди.
— Тентак. Ақлинг чиндан ҳам қосир. Бизнинг рўпарамизда бўри турганда бир нави эди, аммо шер турибди, англаяпсанми, шер!!!
— Фикри ожизимча, шер — ҳайвонлар шоҳи. Одамларга ҳукм ўтказмоқчи бўлган шер маҳв этилмоғи шарт.

Ҳабибуллохон ўнг қўлига таяниб, ўрнидан турди.
— Шерни маҳв этмоқ... Мен буни истамас эканманми? Шер уч-тўрт юз минглик лашкари билан бир ҳамла қилса, Пешавордан Кобулга қандай етиб олганини билмай ҳам қоласан. Шимолда Машҳаддан Кўшкка юриш бошласа қудуққа тушгандай бўласан. Бугун бошланган ғазавот Афғонистоннинг маҳв этилиши билан тугашига шубҳам йўқ. Шерни қариб, кучдан қолган дейсанми? Унга Алмония бас келолмади. Русиянинг янги ҳукумати бас келолмаяпти... Енгилсан, гўдаксан... Кобулни қандай қилиб сенга ишониб топширяпман, ўзимнинг ҳам ақлим лол.

Амир бир қўлини белига қўйганича жимиб қолди. «Ажаб, куюнчаклик бу ўғлимга кимдан юқди? Ворисим бўлмагани ҳолда юрт тақдирига бунча ташвишланади? Ё тахтдан умидворми? У ҳолда мендан кейин оға-инилар... Жиҳод у ёнда қолиб... Насруллонинг тек турмаслиги аниқ. Ажаб... Ажаб... Маҳмудбек Омунуллога шу қадар кучли таъсир ўтказдими? Сезмабмидим? Иноятулло Маҳмудбекнинг тўнғич куёви. Унда Омонуллонинг фикрлари шижоати йўқ-ку?.. У беғамликни қаердан юқтирди?..»
— Мендан сўрайдиган сўровинг борми? — деди амир зарда билан.
— Сизга сидқидилдан хизматда бўлиш — бурчим, бурчимни адо этмоққа боболаримизнинг руҳлари ёр бўлгай. Ножоиз сўзларим учун авф этиб, гуноҳимдан ўтинг. Сафарга отланган онингизда сўрашнинг хосияни бўлмаса ҳам бир ўтинчим бор.
— Айт.
— Мавлоно Абдул Ғанини...
— Йўқ!!! — Ҳабибуллохон кескин ўгирилиб, ўғлига ғазаб билан тикилди. Омонуллохон отаси кўзидаги қаҳрни кўриб, беихтиёр ўрнидан туриб кетди. — Асло!!! — деди амир дағал товушда. — Кимга жон куйдиряпсан?!
— Ул зотдан мен сабоқ олганман. Сизнинг лутфингиз ила бунёд бўлган «Ҳабибия»да кўп зоти олийларнинг фарзандларига тарбия бердилар. Сизга хусуматлари йўқ эди, инонинг менга, сизга бисёр содиқлар ул зот. Юртимизга зиё келтурмакдан ўзга ниятлари йўқ эди.

Омонуллохон отам тўхтатмасин, деб бу гапларни тез-тез айтди. Амир буни сезди. Ўғлининг журъати маъқул келгани бўлса ҳам буни сиртига чиқармади.

Ўн беш йил муқаддам у Кобулда янги усулда мактаб очмоқ ниятида Ҳиндистондан донишманд муаллимларни чорлаган, амир хизматига келганлар орасида Абул Ғани ўткир зеҳни, қувваи ҳофизаси, билим дарёсининг чуқурлиги билан диққатини тортган эди. Чиндан ҳам у Омонуллохонга кўп сабоқ берди. Амирзоданинг феълидаги ўзгаришлар балки ўша сабоқларнинг оқибатидир? Ҳабибуллохон Абдул Ғанининг янгича фикрли тўда ташкил этганини, бу тўданинг амир тутган йўлдан норизо эканини билиб, уни зиндонбанд қилган эди. Орадан неча йиллар ўтди. Маҳмудбек сардор ҳам шу узр билан бир-икки юзланган эди. Ёздаги суиқасд, сўнгра яқинда Боғи баландга ташланган пўписали мактуб бўлмаганида балки амир ўғлига ён босарди. Абдул Ғани тавбасига таянибди, деб ишониб, афв этар эди. Суиқасддан кейин... Пойтахтнинг гавжум кўчаларидан ўтиб бораётганида амирга ўқ узишга журъат этдилар, фуқаро «зиё ул миллат ва-д-дин», деб унга сиғингани ҳолда бир малъун унинг жонига қасд қилди?! Ҳабибуллохон шунисига чидай олмасди.
— Падарингга ўқ узганларини унутдингми?
— Ахир мавлоно Абдул Ғани ўн йилдан бери ҳибсдалар?
— Ғояси-чи? — амирнинг овози кўтарилди. — Ғояси ҳам ҳибсдами? Афсус, мен бу малъунларнинг жисминигина зиндонга ташлаб, хумордан чиқибман. Ғояларини қуритишни ўйламабман. Энди... кеч, жуда кеч...

Омонуллохон отасининг феълини яхши билар эди: энди унга гапириш ортиқча. Аччиқ устида афв этмоқ ўрнига қатлга амр қилиб юбориши ҳеч гапмас. Шу сабабли амирзода қўл қовуштириб, мўминлик ҳолатида турди.

Маҳмудбек Тарзи кирганида Ҳабибуллохон юмшоқ курсида ястаниб ўтирган эди. Амирнинг ўрнидан қўзғалмаганига қараб, Тарзи унинг нохуш кайфиятини сезди. Амир ҳожидўппи кийган, чўққисоқол қудасининг саломига алик олиб, ёнидан жой кўрсатди.
— Эшитганингиз бордир, Жалолободга жўнаяпман. Суюкли куёвингиз Кобулга ноиб ал ҳукума бўлиб қоляпти. Кобулни суюкли куёвингизга, суюкли куёвингизни Оллоҳга инониб топширдим.

Тарзи кулимсиради. У амирнинг киноясини тушунди. Буёққа келатуриб Омонуллонинг отаси ҳузурига кириб чиққанидан хабар топган эди. Ота-бола суҳбатининг қандай кечгани амирнинг киноясидан ошкор бўлиб қолди. Шу сабабли Тарзи оҳисталик билан гап бошлади:
— Улуғ амирим, куёвларимнниг ҳар бири мен учун аржуманд. Марҳаматингиз билан мен амирзодаларга падарзан бўлиш шарафига етишибман, уларнинг ҳар бирини кўзимнинг оқ-қораси деб биламан.
— Сардор, сўзга чечансиз. — Амир шундай деб айёрона жилмайди. — Аммо Омонуллони кўпроқ ёқтирасиз, тан олинг. Сабабини айтайми?
— Айтинг, давлатпаноҳ.
— Амирзодалар ичида Омонуллонинг зеҳни бўлакча, аҳволи оламга қараши бўлакча. У дунёга кўпроқ сизнинг кўзингиз билан қарайди.
— Фикри ожизимча, амирзода оламга сизнинг доно нигоҳингиз билан қарайди. У сизнинг пушти камарингиз. Афғонистонни беҳад суйиши ҳам сиздан ўтган.
— У тахтдан умидворми?

Бу савол Тарзини эсанкиратиб қўйди. Сермулоҳазалилиги ва ақли донишлиги билн шуҳрат топган бу одам амирга тайинли жавоб қайтаришга тараддудланди. Бу ерга келишида амир одатдагидай хайрлашиш мақсадида чорлагандир деб ўйлаган эди. Дастлабки киноялардан кўнгли нохушликни сезди. Энди бу савол... Яна тахт маласида... Наҳот ота-бола шу хусусда гап юритганлар?.. Амирнинг дили ғаш, кўнгли нотинч...
— Хўш, сардор, оғир жумбоқ бериб қўйдим шекилли?
— Йўқ, давлатпаноҳ, сукутим сабаби жумбоқнинг оғирлиги эмас. Мени кўнглингизга оралаган шубҳа таажжубга солди. Тахт вориси — Иноятуллохон. Падар амри — вожиб дейдилар. Омонулло падари амрига зид бормайди. Бунга имоним комил.

Ҳабибуллохон кулиб юборди. Унинг кулгисида шодлик эмас, балки заҳар зоҳир эди: юзи кулса-да, кўзларида совуқ ўт бор эди.
— Сизни сиртмоққа тушириб бўлмайди, сардор. Аммо билиб қўйинг, мана булар, — амир деворларга ишора қилди, — девор эмас, қулоқ. Ҳамма хабар оқиб киради. Нима эди, — амир истеҳзо билан жилмайди,— жавони Афғонистонми?.. Амирдан норизо ёшлар. Қани, айтингчи, сардор, Ҳабибуллохон Афғонистоннинг бошига кулфат солдими? Қувғинларни юртга қайтариб, гуноҳга ботдими?
— Умримиз дуои жонингиз билан ўтади.
— Гапимни бўлманг, мен миннат қилаётганим йўқ... Янги мактабни Ҳабибуллохон очган эди, ёдингиздадир? Жаннатмакон падарим хат-саводли афғонлардан ўттизтасини сарой хизматига чорлаган экан. Юрт кезиб, нечта илм эгасини топишган? Ўнта ҳам топишолмаган, ҳа! «Ҳарбия»ни ҳам Ҳабибуллохон очиб эди, турк зобит1ларини чорлаган ҳам Ҳабибуллохон эди. Ўзингиз чоп этаётган «Сирож ул ахбор» ҳам Ҳабибуллохон амри билан юзага келганмасми?
— Оллоҳ шоҳид, юрт саодати йўлидаги хизматларингиз афғонларни бахт йўлига олиб чиқғай.
— Шундай денг... У ҳолда ёшларингиз нимани истайди?
— Ёшларми? — Тарзи кўзини амирдан узиб, соқолини силади.
— Тўғрисини айтинг, қаҳримдан чўчиманг. Менга ҳақ гап лозим.
— Ёшлар Афғонистонни мустақил кўришни истайдилар. Қулай фурсат ўтиб кетяпти, давлатпаноҳ.
— Фурсат ҳали келгани йўқ.
— Фурсат алмон ваколаси билан бирга келган эди.
— Шундайми?.. Фурсатни бой берганимга нима сабаб экан? Қўрқдимми?
— Йўқ, улуғ амирим, сабаби бошқа: йилига оладиганингиз икки миллион тўрт юз минг рупий ва муҳорибадан сўнг берилгучи эллик миллион рупий...

Амир хона тўридаги курси томон кўз ташлади. Тарзи айтган мустақилликни ва эллик миллионни талаб қилиб ёзилган мактуб ўша ерда турибди. Ҳабибуллохон бир кўнгли уни қудасига кўрсатгиси, сўнг қаттиқ-қатиқ гаплар айтгиси келди. Лекин «ерта, ҳали эрта», деган мулоҳазага бориб, ўзини тийди. Сардор Тарзи унга хунук айб тақаган эди. Одатда амирга биров юрак ютиб бўлса-да, бундай муомала қилолмасди. Ҳатто Тарзи ҳам унинг олдида мулойим эди. Энди бу не ҳол бўлди? Ҳабибуллохон уни ҳақоратлаб ҳайдаб чиқарсинми? Амирнинг шунақа одати ҳам йўқ эмас. Бироқ ҳозир ўзи ҳам сезмаган ҳолда одатини канда қилиб, ўзини оқламоққа киришди:
— Сиздан эшитганларимни норасталар айтса ажабланмас эдим. Мен саксон минглик лашкарим билан нима қила олар эдим? Икки биқинимга Инглистоннинг ханжари тиралган, пешонамда Ўрусия замбараги турса... Буни ёшларга сиз уқтиришингиз лозим эди. Биз муҳорибага аралашмай ютдик. Кўп ютдик, ҳа!
— Энди-чи? Энди пешонамизда Ўрусия замбараги йўқ-ку? Улар энди бизга дўст қўлини узатмаклари мумкин.
— Уларнинг кимлигини мен ҳали билмайман. Ўрусия аҳли подшоҳи аъламни қувғин қилибди, юртни камбағаллар сўраётган эмиш, деб ўзингиз айтган эдингиз. Қани, бир мулоҳаза қилиб кўринг-чи, ўз подшоҳидан тонган эл ўзга амирга қандай марҳамат кўрсатсин?
— Юртни бошқараётганларнинг кимлиги менга ҳам қоронғи. Аммо улар Ўрусия подшоҳининг барча ноҳақ фармонларини бекор қилдилар. Афғонистон ила Эроннинг мустақиллигига шак келтирмадилар. Мусулмонларга мурожаат этиб, ғанимларнинг кишанларини парчалашга, озодликка ундамишлар.
— Сардор, газитингиздаги гапларни такрорламанг. Бу ташвиқотлар учун ноиби қирол рўзномани ёпишни талаб этяпти. У ҳақ. Сиз менинг меҳримни суиистеъмол қиляпсиз. Рўзнома янгиликлар чироғи бўлмай, икки давлатни барвақт уриштириб қўядиган воситага айланиб қолишига сира йўл қўймайман, буни уқиб олинг.

Тарзи, ноилож ўрнидан туриб, қуллуқ қилди. Ҳабибуллохон унга яқин келди:
— Сизни йўқлатишимнинг боиси бу эмас. Менинг асл мақсадимни сиз англашингиз лозим. Яратганнинг ўзи белгилаган вақт етгач, барчамиз жиҳоди акбарга кўтариламиз. Унга қадар Омонуллони тергаб турмоқ даркор. «Ҳабибия» атрофидаги, рўзномангиз атрофидаги ёшларга тушунтиринг: фуқаро орасида барвақт парокандалик бошламасинлар. Омонуллони Кобулда қолдиришимдан мақсад — уни синамоқ. Ножўя хатти-ҳаракати билан қаҳримга дуч келмасин. Уни назорат қилиб туринг. У сизга суюкли куёв, менга эса... — амир қудасининг кўзига тикилиб жилмайди, — аржуманд фарзанд, ҳа!

2

Далв ойи охирлаб, Кобулдаги изғириннинг кучи анча қирқилди. Хут яхши келиб, ҳамалга эсон-омон чиқиб олинса, буёғи баҳор... Демак, амирнинг қайтиши ҳам яқин. Амир Маҳмудбек Тарзи билан баъзи-баъзида маслаҳатлашиб турар эди. Аммо хайрлашар чоғи алланечук гаплар қилди. Бунинг сабабини Тарзи англамади. Умуман, амир ёздаги суиқасддан кейин анча юрак олдириб қўйган. Бир томонда ёшлар, бир томонда дин пешволарига орқа қилаётган Насруллохон... Ҳабибуллохон гангиб қолган. Тарзи буни билади. Бундай онда амир қатъий қарорини англатиши лозим, лекин у галга соляпти. Бу билан ўз пайига болта ураётганини наҳот сезмаса?! У Инглистондан ҳам чўчияпти. Инглистоннинг илгариги кучи йўқ ҳозир. Шимолда инглиснинг тинчини Русия бузган. Ҳиндистондаги ғалаёнлардан жони ҳалак. Лашкарининг борини Афғонистонга ташлай олмайди. Сарҳаддаги қабилаларга қурол берилса, улар икки юз минг аскар билан бош кўтариши мумкин. Амир буни тушуна олмаяпти. Унга ким тушунтиради? Насруллохонми? Амирнинг гангиб туриши унга фойда эмасми?

Тарзи бу муаммолар хусусида кўп ўйлади. Саволлар гўё катта дарё ўзани-ю, жавоб эса ирмоқдан жилдираб келувчи сув эди.

У Омонуллохоннинг хатти-ҳаракатидан ҳам хавотирда эди. Ноиб ал-ҳукуманинг шаҳар кезиши амирга хуш ёқмайди, қаҳрини уйғотади. Бунга шак-шубҳа йўқ. Аммо Тарзи бундан эмас, шаҳар кезаётган амирзоданинг фалокатга учраб қолишидан чўчийди. Куёви бугун ҳам одми кийимда ёлғиз ўзи шаҳарга чиқиб кетибди. Охири бахайр бўлсин.

Маҳмудбек Тарзи ўзини овутиш учун газетига тайёрланган хабарларни қайта ўқий бошлаганида хонага куёви кириб келди.
— Хорун ар-Рашиднинг сафарлари қутлуғ ўтдими? — деди Тарзи киноя билан.
— Совар1ларда бўлдим, Инглистон сари от қўйишга тайёр улар.
— Инглистонни биргина рисале2 билан маҳв эта олиш мумкинлигини билмаган эканман.

Омонулло кулиб юборди.
— Норозилигингизнинг боисини билолмаяпман?
— Хатти-ҳаракатингизнинг амирга хуш келишига ишончим йўқ.
— Амир мени Жалолободга чақириб олиб, Кобулга Иноятуллохонни ноиб қилиб тайинлайди. Бу Худога ҳам, бандага ҳам аён. Хўш, шундай бўлса нима? Мен амирзодаман. Падаримга тобе фуқаронинг дилидагини билиб олсам ёмонми? Лашкар маошининг озлигидан норизо, фуқаро бегор3дан норизо, малиат4нинг бисёрлигидан норизо. Норизоликлар қўшилса, кўчкидай ёпирилади. Рисаледа бир совар ила сўзлашдим. Чораймоқдан экан. Сарой хизматига чорласамми, деб фикр қилдим. Бундай ёвқурлар керак бизга.
— Нима учун?
— Давлат бехатар бўлмоғи учун...

Тарзи бу гапни эшитиб, амирнинг: «У тахтдан умидворми?» — деган саволини эслади.
— Амир буларни девор эмас, қулоқ деган эди.
— Сардор, бу қадар юраксиз бўлманг...
— Эртага ҳам Хорун ар-Рашид либосини кийиш ниятингиз бордир? Жума кунлари бу юмушдан сақланганингиз маъқул эди.
— Мавлоно Абдул Ғанини зиёрат қилсам, деган ниятдаман. Падарим Жалолободдан қайтгунича боқувидан бохабар бўлсам...
— Асти ундай қила кўрманг. Бу ҳаракатингиз ўша куниёқ амир қулоғига етиб боради. Абдул Ғани сиздан олган луқмасини ютишга улгурмай, қатл этилади. Амир Жалолободдаги сайру ҳушини тарк этишдан ҳам қайтмайди.
— Мен бегуноҳ бандаларнинг азоб чекишига ортиқ хотиржам қарай олмайман.
— Наилож, амирзода, отангизнинг амрига ҳам қарши боролмайсиз...

Омонулло жаҳл билан қўл силтади. Бундан аввал ҳам қайнотаси уни бир-икки бор бу йўлдан қайтарган эди. Амирзода ғазабини босолмай, хона бўйлаб у ёқдан-бу ёққа бир-икки юрди. Сўнг қайнотасининг рўпарасида тўхтади.
— Эртага йўқлашим шарт. Буни Худо кўнглимга солди, — деди қатъий.

Аммо Омонулло эртасига Абдул Ғанини йўқлай олмади.

Кобул тонги бу сафар мудҳиш хабар билан отди. Дастлаб қайғу билан кўз очган бу сабоҳ, оқибатда эл учун хайрли бўлиб чиқди. Чодирида ухлаб ётган Ҳабибуллохоннинг қулоғига ўқ узган кимса амирнинг жонини олди ва шу билан, ўзи билмаган ҳолда хайрли иш ҳам қилди — Афғонистонни мустақиллик йўлига олиб чиқувчи дарвозани очиб юборди.

3

Кобул осмони мусаффо эди. Гўё кеча қора булутлар ҳунарини кўрсатмагандек, гўё изғирин шаҳарни ямлаб-ютиш қасдида сира авжга чиқмагандек...

Бомдоддан анча илгари, сўзи козибда қўққис уйғониб кетган Ғуломқодир ташқарига чиқиб, табиатнинг бу ажойиботидан лол қолди. Само юзини безаб турган юлдузларга бир оз тикилди. «Бир қарасанг — олам чиройли кўринади, — деб ўйлади у, — яна бир қарасанг — ҳаммаёқ абри бало остида: бузуқлик, адоват, риёкорлик, разолат... булутлари босиб, ямламай ютаман дейди. Нимага шундай экан?»

Кечагина дили хуфтон эди. Ичига чироқ ёқса ёришмасди. Мўйлаби юқорига қайрилган паст бўйли нотаниш йигит билан ҳамсуҳбат бўлди-ю, қалбининг аллақаерида умид чироғи милтиллаб қолди. Йигит одми кийинган бўлса-да, сўзларини тинглай туриб, Ғуломқодир унинг олий мартабали зотлардан эканини фаҳмлади. Бундайлар сўзларини чертиб-чертиб гапирадилар, мартабаларини яширишга қанчалик уринишмасин, гап оҳангларидаги такаббурлик уларни фош қилиб қўяди. Ғуломқодир отасига меҳмон бўлиб келган акобирлар суҳбатини тинглайвериб, пишиб кетган. Кечаги йигит нима учун рисалега келди, нима сабабдан соварлар билан суҳбат қурди — Ғуломқодир билмайди. Соварларнинг аҳвол-руҳияси, туриш-турмуши билан қизиққанидан билдики, бу йигитни арконлардан бири юборган. «Инглистоннинг жиловимизни ушлаши абадиянми?» — дейишидан англадики, олий зотлар жиҳод тадоригини бошлаганлар. Йўқса, соварларнинг бу хусусдаги фикрлари билан қизиқмас эдилар. Урушни акобирлар бошлайдилар. Инглистон ўқига эса соварлар кўкраги қалқон бўлади. Соварлар бунга ризомилар ё йўқми, билиб қўйишлари лозим-да. Шунга қараб иш юритсалар керакда. Соварларга қолса, айниқса Ғуломқодирга қолса, Пешоворга қараб бугун деса бугун, эртага деса эртага от солади. Шаҳид кетса заррача ачинмайди. Билъакс, жаннатда отасига рўпара бўлишидан қувонади. Бирон марта бўлсин кўрмагани — отаси кўксига бошини қўяди. «Ота, сизнинг тўкилган қонингиз учун, завжамнинг булғанган номуси учун қасос олдим. Гуноҳларимни қоним билан ювдим, биллоҳи азим, армоним йўқ», дейди. Жангда шаҳид кетса, жаннатда отаси билан биргаликда ҳурлар орасида яшайди. Саодати абадияни ўша жойда топади. Бузуқлик, адоват, разолат, риёкорликдан ҳоли поклик дунёсида яшайдилар... Чораймоқ улуғларидан бирининг ўгай ўғли Ғуломқодир шуларни ўйларди.

Кеча Инглистонга қарши адоватни ошкор қилиб кетган йигитнинг ойин ад давла1, ноиб ул-ҳукума Омонулло эканидан Ғуломқодир бехабар: у амирзодани бир неча кундан сўнг — рисале шоҳи2 сафида турганида кўради.

Бир неча ҳафтадан кейин эса шу ёш ҳукмдор амри билан унинг тақдири буткул ўзга йўлга буриб юборилади.

Алҳол, бомдодга қадар пича вақт бор, енгил изғирин хуш ёқиб, дарахтнинг нам танасига суянганича ўй суряпти. Унинг уйқусини кечаги йигит бузмади. Бунинг сабаби бошқа: хотинининг баданини ханжар билан тилиб-тилиб ташлаганидан бери йил ўтди. Ўшандан бери бу андуҳ оташида ёнгандан-ёниб, ўртангандан-ўртанади. Унинг аҳволидан ағёрлар мамнун, аҳбоблар дили хун. «Борига борича ғам, йўғига йўқча бор ғам» деганларидай, бу олам ситамларининг бори Ғуломқодирга аталган эканми, бола-фақир туғилган куниёқ андуҳ тузидан тотиб қўйган. Отаси у туғилмасдан бир ой илгари инглизлар билан тўқнашувда шаҳид кетди. Онаси — Чораймоқнинг сулувларидан бири— иддат1ни оёқлатиб, уруғ улуғларидан бирига тегди. Ғуломқодир уни «ота» деб ўсди. Беллашувда, қилич чопишда, мерганликда, чавандозликда уруғнинг фахри эди. Бундай йигитга сулув лозимми? Сулув бор эди, унга насиб этди. Ўзининг кўз остида ўсган афифа эди у. О, ўша кунлар олам қанчалар гўзал эди. Қуёш нур эмас, бахт ёғдирарди. Заҳар ҳам асалдай татийдиган кунлар эди... Қани, қайда қолди ўша кунлар, ўша ширин дамлар?.. Ғуломқодир буларни эсласа биров юрагини гўё омбурда қисиб бурайди. Азобига чидамай, инграб юборадиган кезлари ҳам бўлади. Ҳозир ҳам шу ҳолга тушди. Шарт ўгирилиб, пешонасини муздек дарахт танасига тиради. Кейин юзини қўйди. Юзига теккан шилимшиқ нарсани қон гумон қилиб сесканиб кетди. Ўшанда қонли қўли билан юзини силаганда шундай сесканган эди. Қон илиқ эди, дарахт танаси совуқ, нимага қон гумон қилди, ўзи ҳам ҳайрон.

Орага иблис алайҳилаъна аралашгандан бери олам йигитнинг назарида ҳар бир томчиси ҳасратдан иборат мотам селига кўмилган. Бу сел қачон тўхтайди, тўхтагунга қадар нималарни яксон қилиб кетади, у билмайди. Кўзини бир юмиб очса — тўшакни қонига белаб ётган сулуви келади. Шунда кўзимни очмасам дейди, ёруғ оламни кўрмасам дейди.

Бугун тушида хотинини кўрди. Тилиб-тилиб ташланган баданидан тирқираб қон оқаётган хотини уни қучоқлаб, ўпяпти, ўпяпти... лаблари ўша-ўша — оловдай. Ғуломқодир хотини қучоғидан бўшашга уринади. На оёқда, на билакда кучи бор. Ўпичлардан нафаси қайтиб, хириллай бошлади... Ўзининг хириллашидан уйғониб кетди. Шундан кейин ҳовлига чиқди.

Бомдодни ўқигач, кундалик юмушлар бошланиб, хаёлидаги нохуш тўлқинлар мавжи бир оз пасайди. Кун ёйилганда Кобулга оқиб кирган ғалати миш-мишлар соварлар қулоғига ҳам етиб келиб, бесаранжомлик уйғотди:
— Зиё ул миллат ва-д-дин амир Ҳабибуллохон овда йўлбарс чангалида қолиб нобуд бўлибдилар.
— Йўқ, овга чиқмабдилар. Жалолободни ер ютган эмиш.

Амирнинг ўлими ҳақида хабар тарқабдими — демак, рост гап. Бундай овоза тарқатишга ҳар ким ҳам журъат қилавермайди. Фақат ўлим сабаби қоронғи. Ғуломқодир бу сабабга ўзгалар каби қизиқмайди. Уни бошқа нарса ташвишга солади: элнинг йўқловчиси ким бўлади энди? Юртнинг бошида не ғавғолар бор? Инглистонга қарши от сураман, деган Ғуломқодир тахт ишқидаги амирзодаларни деб оға-иниларига қилич кўтармайдими ҳали? Бу не кўргулик ўзи?! Ғуломқодир маошининг камлигига кўнар, халқ бегорга, малиатнинг бисёрлигига ҳам сабр қилар, бироқ амирзодаларнинг сўқишуви — Халлоқ юборган балога қандай чидасин?

Ғуломқодир кунни шундай таҳликали ўйлар билан ўтказди. Кобул тинчи бузилди. Кўпни кўрган савдогарлар расталарни беркитдилар. Зобитлар анча мулойимлашдилар. Уларнинг юриш-туришида, кўзларида ҳадик мавжуд эди.

«Амирлик тожи ноиб-ус-салтана Насруллохонга насиб этибди», деган хабар етгач, рисале бир гувранди. Тахтга нима учун валиаҳд Иноятуллохон эмас, Насруллохон ўтирди, деган жумбоқ барчани таажжубга солган эди. Тўғрироғи, тахт учун сўқишишнинг муқаррарлиги ойдин бўлиб қолган эди.

Ҳабибуллохон тахтга ўтирар чоғида укасини ворис деб, кейинроқ эса аҳдини бузиб, тўнғичи Иноятуллохонни валиаҳд деб эълон қилганидан Ғуломқодир бохабар эди. Амир қарорининг не боисдан ўзгаргани у учун қоронғи, аниқроғи бу хусусда сира ўйлаб кўрмаган. Мана энди юрт қалқиб кетганда, фаҳми етганча мулоҳаза қила бошлади. Насруллохоннинг валиаҳдни четга суриб, амир бўлиб олгани унга ғайритабиий туюлди. Алҳол Кобулда унинг номи хутбага қўшиб ўқилмаётгани эса Жалолободда баттарин иш юз берганидан далолат эди. Иноятуллохон баёвми, Насруллохон бадгирми, Ғуломқодир билмайди. Бироқ Кобул ноиби Омонуллонинг жимлиги, янги амирга вафоси, садоқатини баён қилмай туриши уни сергаклантирди. «Ҳабибуллохондан норози ёшларнинг умиди Омонуллохонда» деган гапларни эшитиб юрар эди. Наҳот, тўнғич — валиаҳд қолиб, учинчи ўғил тахтга човут солса? Юрт уч ўртада талаш бўлмайдими? Ғуломқодирнинг хавотири шу.

Не бахтки, унинг хавотири узоққа чўзилмади.

Кўклам нафаси Кобулга бир кунлик меҳмон экан. Шанба тонги билан ёпирилган совуқ астойдил ўрнашиб олди. Эртасига кун очиқ бўлса-да, совуқнинг кучи қирқилмади.

Кобул аҳли эрталабдан Арк майдони сари оқди. Эрта тонгданоқ жарчилар жар қоқиб, ноиб ул-ҳукуманинг нутқ ирод этажагини хабар қилиб чиқдилар. Рисале шоҳи олдинги қаторда саф тортди. Жамоа амирзодани узоқ кутди. Ноибнинг ўз оғзидан эшитилажак сўзларга бўлган қизиқиш совуқ қаҳридан кучлироқ эди.

Кун пешиндан оққанда дарвоза очилиб, ҳарбий либосдаги амирзода асъаса-дабдаба билан чиқиб келди. У ақраболардан илгарилаб, майдон ўртасига етгач, жиловни қаттиқ тортди. Гижинглаб турган от кишнаб, икки оёқда тик турди. Оломон нафас ютиб, амирзодага тикилди. Ғуломқодир уни таниб, бир оз гангиди. Жилови бўшаган от олд оёқлари билан ер тепинди. Омонуллохон қиличини шарт қинидан суғуриб, баланд кўтарди.
— Азиз фуқаро! — деди у жарангдор овозда. — Оллоҳ-таоло юртимиз бошига беадоқ қайғу юборди. Дин ва миллат зиёси, арзандаи икроманда падарим, Афғонистонимиз амири амир Ҳабибуллохон бандаликни бажо келтирдилар. Азроил падаримнинг жонини кимнинг қўли ила олгани менга номаълум. Кобул фуқароси қаршисида, Оллоҳ-таоло олдида онт ичиб айтаманки, падарим жонига қасд қилган малъунни топиб қасос олмагунимга қадар бу қилични қинига солмайман! Жалолободдаги дурбар1да Насруллохон валиаҳд Иноятуллохонни четга суриб, ноиб ус салтана амирлик тожини ўз бошига кийибди. Ақоидга тўғри келмайдургон, Оллоҳнинг ғазабига учрови бу ҳаракати эвазига Насруллохон жазога тортилгай.
— Азиз фуқаро! Энди менинг сўзим шудир: Инглистон Афғонистонни афтода юрт қилиб қўйди. Бугундан эътиборан Буюк Афғонистоннинг инон-ихтиёри ўзида. Ёруғ дунёдаги мустақил давлатлар қандайин ҳақ-ҳуқуққа эга бўлса, бизнинг озод юртимиз ҳам шу ҳуқуқлар эгасидир. Озод Афғонистоннинг тобелари ҳам озоддирлар. Бугундан эътиборан, бегорга барҳам берилгуси, малиат камайгуси, лашкарлар маоши оширилгусидир. Падарим арвоҳи ҳаққи шу қарорга келдим!

Омонуллохон қилич ўйнатганича отни бурди. Ювош отда чўкиб ўтирган Тарзи куёвининг сўзларидан мамнун бўлди.

Ғуломқодир амирзоданинг гапларини жон қулоғи билан тинглади. Омонуллохон аркка кириб кетгандан кейин ҳам майдондан кўз узмади. Назарида дарвоза қайта очилиб, ноиб ул-ҳукума чиқиб келадигандай, мухтасар нутқига қўшимча яна алланималар дейдигандай эди.

Амирзоданинг жумбоқли нутқи мағзини ҳар ким ўзича чақиб, аста тарқала бошлади. Зобитнинг буйруғи билан соварлар ҳам отларини бурдилар. Ғуломқодир Омонуллохоннинг яширин ниятини пайқагандай эди. Ноибнинг нима сабабдан ўзини амир деб эълон қилмагани кўп қатори уни ҳам таажжубга солди.

4

Омонуллохон амакисининг амир бўлиб қолганига кўпам ҳайратланмади, аксинча, ғазабланди. Яна ҳам аниқроқ айтилса, ўйлагани рўё бўлганидан аччиқланди. Водариғким, амир Ҳабибуллохон қанотидаги укасининг пинҳон ниятларини фаҳмламади. Фаҳмласа ҳам чора кўрмади. Акс йўл тутиб, ростбасар ёшлардан шубҳаланди. Энди вовайло айтмоққа не ҳожат? Энди юрт тақдирини ўйламоқ лозим. «Оҳ, энди элнинг аҳволи нима кечади? У барандознинг пири Абдул Раззоқ ақоидни рўкач қилиб, юртни жаҳолат чодирига чирмаб ташламайдими? Мамлакат ихтиёрини буткул Инглистонга бериб, садақаларини олиб, айшларини сурмайдими? Афғонистоннинг ҳорижий давлатлар ила алоқада бўлмоғи мутлақ зарар деб ҳисоблар эди. Унинг шу истаги билан Афғонистон олам аро воҳид бўлиб қолаверадими? Олам нурга тўлганда нечун биз қоронғилик ичинда ожиз тентираймиз, бани башар соҳилларда фароғат қўйнида бўлгани ҳолда, нечун афғон эли тўфон ичинда беҳаловат яшамоғи керак? Юртнинг ёзуғи шуми?!» Омонуллохон шу фикрлар исканжасида, катта хона, наинки хона, олам кўзига тор кўринар эди.

У бир нарсани аниқ билади — Насруллохон амирлик тожига нолойиқ. Иноятуллохон ҳам. Иккинчи акаси — Ҳаётуллохоннинг онаси паст табақадан, амирликни хаёл қилмаса ҳам бўлади. Ўзи-чи? Ўзи лойиқми? Бунга журъат этиб, тахтни омон сақлаб қола оладими? Ахир сардорсалор1 Жалолободда, амирликнинг сара лашкарлари ҳам ўша ерда. Агар қўшин Насруллохонга содиқ бўлса, Омонуллохон нима қилар оларди? Омонуллохон калласига келган бу фикрдан ғижиниб, шарт бурилди-да, дераза олдига борди. Анчагача шу аҳволда — ҳаракатсиз турди.

Эшик очилганини сезиб қаради: олдинда ҳиндча либосдаги Абдул Ғани, орқада қайнотаси Маҳмудбек Тарзи.
— Сизни озод кўрмакка еткурганига шукр, — деди Омонуллохон, устозига пешвоз чиқиб.

Абдул Ғани кафтларини бирлаштириб таъзим қилди.
— Менинг озодлик куним сизнинг андуҳли кунингиз ила вобаста бўлгани афсусли ҳол. Умид улким, идборин Ҳақтаоло иқболға мубаддал қилғай.2 Сизга сабр берсин, ҳазрат амир соҳиб.

Омонуллохон, юраги шиғ этиб, қайнотасига қаради. Тарзи мийиғида жилмайиб қўйди.
— Сиз янглиш сўз айтдингиз, мен... амир эмасман.
— Валлоҳи аълам, балки бошингизга тушган қайғу Афғонистон учун кулфат эмас, саодатдир. Буни зиндон азобини тотган киши эмас, афғон эли хизматига келиб, равзамонанд юрт бахтини астойдил тилаган одам айтяпти.
— Мавлоно Абдул Ғани ҳақлар, Афғонистоннинг боши жоҳиллик кундасида чопилсин, десангиз, амакингизга остонбўслиқ1 ила садоқатингизни баён қилинг. Юртим осмонида қуёш чарақласин, десангиз, бошингизга тож кийинг. Бошингиздаги тож — юртнинг ҳурлик қуёши.
— Йўқ!!!

Шундай орзуси бўлатуриб бирдан: «Йўқ!» — деб юборганига Омонуллохоннинг ўзи ҳам таажжубланди. Таклифни барқ суръатда қабул қилиш ҳам нодонлик бўлар эди. Байиҳарнав: «Йўқ!!!» — деиши дуруст бўлди, фақат... у қадар кескин айтмаслиги лозим эдими...

Омонуллохоннинг жимиб қолганини ўзларича тушунган ҳаммаслак бу икки одам бир-бирига маъноли қараб олди.
— Умр баҳори етса булбуллар келгусидир, — деди Тарзи. — Афғонистон баҳори етди. Буни англамак керак.
— Англайман, аммо ночорман, — Омонуллохон шундай деб бир неча дақиқа муқаддам лашкар борасида хаёлига келган гапни баён қилди.
— Ваҳмак бўлманг. Кўнглингизга навмидлик ҳам етмасин, — деди Абдул Ғани унга жавобан. — Сардор Тарзи қўшинда ёш афғонлар таъсири баланд деб айтдилар. Ҳабибуллохон байтулмол ишқида лашкарни маошдан сиқиб, норизо қилган экан. Насруллохоннинг бу борада сахий бўларига имоним комил эмас. Алқисса, қўшин унга нофармондир, вафо қилмас. Фуқаро эса вати-кути, аърофда қолган одам этагини ушламас. Сиз журъат этмас экансиз, юрт парокандаликка юз тутар, Жалолободда Насруллохон номини хутбага қўшиб ўқитаверсин. Бунда сиз Кобулнинг осмонтазиин аҳлини чорлаб, қарорингизни айтинг. Ёш афғонлар эса аҳдларини фуқарога маълум қиладилар.

Омонуллохон бу гапдан кейин ҳам бир қарорга кела олмади.
— Жалолободда не ҳол, билмаймиз, — деди у қайнотасига қараб.

Шу гапи билан иккиланаётганини ошкор қилди. Тарзи буни тушуниб, куёвини ёлғиз қолдиришни маъқул кўрди. Абдул Ғанини билагидан аста ушлади. Икковлон хайрлашиб чиқдилар. Бўлажак амирни аланга олган тож кийиш орзуси билан мағлубият хавотири исканжасига топшириб кетдилар.

Жалолободдан дастлабки ишончли хабарлар келгунга қадар у ичидагини сиртига чиқармади.

«Пултон1да ғалаён кўтарилибди. Насруллохонга содиқмиз, деган зобитларни сарбозлар калтаклашибди», деган хабар Омонуллохонга далда бўлиб, фуқарони Боғи баландга, арк майдонига чорлаш ҳақида фармон берди. Шунда ҳам мақсадини очиқ баён қилмади.

Жумодул аввалнинг йигирма олтинчи куни, Жалолободда исён кўтарган лашкар билан фуқаро бирлашиб, Насруллохон, Иноятуллохон, сардорсалор Нодирхонни ҳибсга олганларидан кейингина, жума намозидан сўнг, амир Омонуллохоннинг номи хутбага қўшиб ўқилди.

Идгоҳ масжидидан Боғи баланддаги қароргоҳига қайтганида, Қодир оға ҳазратнинг муборакбод этмоқ мақсадида ташриф буюрганини маълум қилдилар. Омонуллохон бу ташрифдан таажжубланди. Ҳазрат билан ҳозиргина масжидда хайрлашиб эди. Уни бу ерга муборакбод этиш истаги олиб келдими ё бошқа бирор нияти борми? Шу қизиқиш билан ҳазратнинг «муборакбод»ини қабул этажагини билдирди.

Қодир оға ҳазрат оппоқ соқолли, кўзлари тийрак, пайғамбар ёшидан ҳатлаган бўлса-да, юриш-туриши бардам одам эди. Унинг қарашларида англаш мушкул бир сеҳр мавжуд, шу боис у аркони динга эмас, фусунгарга ўхшаб кетарди. Ҳазрат авваллари амир Ҳабибуллохон ҳузурига тез-тез ташриф буюриб турарди. Издаҳомларга унинг таклиф этилиши муқаррар эди. Насиҳатгўйликни касб этган бу одам Омонуллохонга унча ёқмасди. На илож, кўнгил истаги шарт-шароитга ҳукмини ўтказиши мушкул, аксинча, шарт-шароит кўнгил истагини ўз йўриғига солиб туради. Қодир оға ҳазрат фақат сарой аҳли орасида эътиборли бўлса бир нав эди. Ҳироту Жалолободгача, Мазори Шарифу Қандаҳоргача авом ҳазратнинг номини эшитсаёқ остонбўслиққа шайланади. Бундай эътиборга яна Насруллохоннинг пири Абдул Раззоқгина даъво қилиши мумкин. Агар Омонуллохон кўнгил истагига юриб, Қодир оға ҳазратни ўзидан узоқлаштирса, танг аҳволга тушиб қолиши тайин. Икки қўчқорнинг бирлашиши маҳол дейдилар, аммо зарур ҳолларда уларнинг боши бир қозонда қайнай олиши ҳам мумкин. Бунга ишонмаган одамнинг ақли қосирдир. Ҳалокат ёқасига келиб қолгандан кейин кўзнинг очилишидан не фойда?

Ҳазрат кириб келгунга қадар ўтган қисқа фурсат ичида Омонуллохон шуларни фикр кўзгусидан ўтказиб, унга илтифот кўрсатмоқчи бўлди. Амирга ярашмаган ишни қилди: ҳузурига кирган одамга пешвоз чиқиб, енгил таъзим билан кутиб олди.

Қодир оға ҳазрат узундан-узоқ табрик сўзлари айтгандан сўнг амир унга жавоб берди:
— Тангри амирлик либосини менга лозим кўрган экан, ҳақ йўлига жонимни тикгайман. Аммо қанотимда сиз, сиз каби акобирлар бўлмас экан, саҳродаги якка дарахт ҳолига тушаман. Якка дарахтнинг қисмати маълум. Воҳидлик — Худога оид, амирга эмас.

Ёш амирнинг бу гаплари ҳазратга беҳад маъқул тушиб, лабида нимкулгу пайдо бўлди.
— Падарингиз донишманд эди — бобонгиз йўлини тутди. Нохалаф1 ўғилдан ўзи асрасин. Ташрифимнинг боиси — муборакбод баҳонасида сизни айрим гаплардан воқиф этмоқ. Ижозат берсангиз...
— Қулоғим сизда.
— Менга етиб маълум бўлишича, Кобулда Инглистонга уруш очмоқ қасдида ёниб юрганлар мавжуд эмиш. Амир соҳибнинг Инглистонга қарши уруш очиш ниятлари борми?
— Беҳуда қон тўкмакка не ҳожат?
— У ҳолда арк майдонидаги нутқингизни англамабман.
— Мен Афғонистон мустақил бўлмоғи даркор, тизгинини Инглистон қўлидан оламиз, дедим.
— Тизгинини бермасалар-чи?
— Унда... буни мулоҳаза қилиб кўришга фурсат бор.
— Мен бисёр ўйлаб, бу хусусдаги фикримни сизга айтмоққа журъат қилдим.
— Падарим қаршисида қандай журъатда бўлсангиз, менинг қаршимда ҳам шундай бўлаверинг.
— Инглистонга қарши ҳаракатлардан ўзингизни тута туринг. Жаннатмакон Ҳабибуллохонни бундай ҳаракатдан тутиб турган бир сабаб бор эди. Мен шуни айтгали ҳузурингизга келганман. Падарингиз Афғонистон сарҳадларини бирмунча кенгайтиришни хаёл этиб эдилар. Яъни, Жайҳуннинг ул қирғоқлари ҳам афғон ерларига қўшиб олинуви лозим, деб эдилар. Алҳосил, бу кунларда ислом йўлида қон тўкаётган элларга раҳнамолик қилишни Оллоҳ дилларига солган эди. Амирнинг фармони ила аъёнларимиз амиралмуслимин ила шартлашув ниятида Фарғона музофотига бордилар. Машриқда Фарғонадан бошлануб мағрибда Хазар баҳрига туташувчи улуғ мусулмон давлати барпо этувида амиримиз кўмаклашиб, оқибатда бу давлатни қанотларига олмоқ ниятлари бор эди. Аъёнларимиз амиралмуслимин ила бўлак қўрбошиларни бақамти қилмоқ ҳаракатида Фарғонада қолганлар. Бухорода ҳам талай аъзамларимиз, алалхусус, аркони ҳарбда бор. Алқисса, Инглистонга қарши бормоқлик, падарингиз бошлаган ишларга путур етказмоғи тайин.

Бу гапларни эшитиб, амир қоронғилик чодири остида қолди. Бу одам унинг оёқлари остига тузоқ ташлаяптими ё чиндан тўғри йўл кўрсатаяптими? Булар нималарни орзу қилишган? Ўзи мустақил бўлмагани ҳолда, ўзга давлатга (ҳали йўқ давлатга) қандай раҳнамолик қилиш мумкин? Омонуллохон шимолдаги аҳволни яхши билмайди. Балки Фарғонадан Хазар баҳрига қадар ерларда мусулмон давлати бунёд этишга амиралмуслиминда куч бордир. Аммо шундай катта куч топа олган одам Инглистондан садақа олиб кун кўраётган Афғонистонга бош эгиб келармикин? Паноҳ истаб ўзига мустақил, қувватлироқ давлатларга мурожаат этмасмикин? Турк ҳукмдори туркий забонда сўзлашувчи халқларни Афғонистон ихтиёрига топшириб, қўл қовуштириб турармикин? «Наҳот падарим шуларни мулоҳаза қилиб кўрмаган? Дўстни ағёр билиб, ағёрни биродар этмакнинг оқибати бу..»

Қодир оға ҳазрат амирнинг ўйга ботганини кўриб, «гапим нишонга етиб борди», деб хотиржам бўлди. У айтадиганини айтиб, муддаога эришган эди, шу сабабли яна бир карра муборакбод этиб, яна бир карра дуо қилиб, изига қайтди.

Омонуллохон эса ғазабдан ловуллаб, уни лаънатлади.

5

Буюк Британиянинг Ҳиндистондаги ҳукмдори — ноиби қирол лорд Челмсфорд кейинги пайтларда Афғонистондан хушхабар келишига ишончини йўқотди. Симлада об-ҳаво яхши бўлса-да, у қароргоҳидаги теннис кортида кам кўринади. Унинг тинчини аввал Ҳабибуллохоннинг мустақиллик сўраб юборган мактуби олди. Бу хомхаёл амирнинг тақдири осонлик билан ҳал этилиб, Насруллохондан нома келгач, ноиби қиролнинг чеҳраси сал ёришган эди. «Буюк Инглистоннинг Ҳиндистондаги ноиби қироли лорд Челмсфорд ҳазрати олийларига...» Мактубнинг бошланишиёқ унга ёққан эди. «Буюк Афғонистон ила Буюк Инглистоннинг биродарлик ришталари янада мустаҳкам бўлмоғини Яратгандана сўраймиз. Оллоҳнинг инояти ила Буюк Инглистоннинг қудратига қудрат, шуҳратига шуҳрат қўшилиб, Буюк Афғонистон бу қудрат, бу шуҳрат соясида гуллаб-яшнагай...» Афғонистон, Челмсфорднинг назарида, эндигина фаросатли амирга ёлчиган эди.

Кўнгил қуёшининг чарақлаши, хушхабарнинг умри бир ҳафталик экан. Бир ҳафтадан сўнг, Насруллохоннинг тахтдан тушгани, Кобулда Омонуллохон тож кийгани ҳақида дарак келди. Хабар билан изма-из амирнинг мактуби ҳам етди. Челмсфорд мактубдан яхшилик ҳам кутмаган эди. Биринчи мурожаатнинг ўзиёқ фикрини тасдиқлади: «Ҳиндистон ноиби қироли лорд Челмсфорд жанобларига...» Бу қадар қуруқ, бу қадар беадаб мурожаатномани Челмсфорд шу пайтгача учратмаган эди. Айниқса мактуб хотимаси Ҳиндистон ҳукмдорининг бўғзига ўқдек қадалди: «Маълумингиз бўлсинким, озод ва мустақил Афғонистон ҳукумати Инглистон ҳукумати ила исталган пайтда дўстлик ва ўзаро ҳурмат қоидалари асосида ҳам сизнинг, ҳам бизнинг давлат манфаатларига мос келувчи, тижорат ишларимизга фойда келтирувчи шартномалар тузишга ризодур ва бу музокараларни бошлашга шайдур...»

Челмсфорд бу мактубни ўқигач, кун бўйи ўзига келолмай юрди. Ҳатто Ҳабибуллохон ҳам бу қадар безбетликка журъат этолган эмас. Бу гўдак нима қиляпти ўзи? Малоканд аҳли кўтарган исённи бостиришда қатнашган лейтенант Уинстон Черчилл хотиралари жамланган китобида: «Ғазавотга кўтарилган афғонлар қутурган итларни эслатадилар. Шу боис уларни итдай хор қилиш керак...» деган экан. Кейинги кунлар ичи Челмсфорд шу жумлаларни қайта-қайта эслади. Агар Георг В1 инон-ихтиёрни унга тўла берганидами, бу юртнинг кулини кўкка совуриб юборарди-я!

Неча кунки, у Афғонистондан келаётган хабарларни синчиклаб ўрганади. Дастлаб, Омонуллохоннинг мактубини ўқиганда, ғазабини босиш учун, «амирнинг ғўрлиги-да, бу», деб ўзига-ўзи тасалли ҳам берган эди. Хабарлар оқимидан маълум бўляптики, бу шунчаки ғўрлик эмас. Янги амир отасига ўхшаб мустақиллик сўраб ўтирмади, ҳеч нарсадан тап тортмай, овоза қилиб қўя қолди. Халқни ўзига қаратди. Энди бу халқ амир ўл деса ўлади, тирил деса тирилади. Кун ўтган сайин Афғонистонда тартиб қарор топяпти. Ҳатто Маймана ноиби ҳам тиз чўкибди.

Челмсфорд Афғонистонни аввалгидай тобе қилиш энди осон эмаслигига астойдил ишона бошлади.

Бугун барча ғалвалардан бир оз ҳоли бўлмоқ мақсадида теннис кортига келган эди. Ўйини қовушмай баттар асабийлашди. Ракеткани улоқтирди. Ташқи ишлар бўйича котибига рухсат берганидан афсусланиб, уни яна чақиртирди. Гамилтон Грант ҳаялламади.
— Мистер Грант, — деди Челмсфорд уни боққа бошлаб, — сиз Насруллохонни мендан кўра яхшироқ биласиз. Бу лапашанг Лондонда таълим олган. Янглишмасам, Абдураҳмонхон тахтни дастлаб шу ўғилга мўлжаллаган эди. Тўққиз юз биринчи йилда оғзидаги луқмасини олдирди. Бу сафар-чи?
— Бу сафарми?.. Бу сафар бефаҳмлик қилди. Кобулда катта жиддий куч борлигини назарга илмади. Сер, буни биз ҳам ҳисобга олмадик. Лашкар маошини оширганда бу ғавғолар йўқ эди. Бир неча минг рупий билан битадиган иш эди. Насрулло хасислик қилди, биз эса қараб турдик. Омонулло ноиблик давридаёқ соварларга ваъда берган экан. Бу гап Жалолободга етиб келиб, сарбозларнинг ғазабини қўзғатган. Бунинг устига мустақиллик ҳақидаги ваъдалар...
— Хўш, ваъдалар билан тахтани қанча ушлаб туриш мумкин?
— Бир-бир ярим ой. Узоққа боролмайди. Хазинаси маълум-ку? Ўжарлик қилаверса, субсидияни тўхтатамиз. Шунда ҳам эсини йиғиб ололмаса, бунинг ҳам иши осон: нари борса, бир ҳафталик урушда Афғонистон деган номни харитадан бутунлай ўчириб ташлашга тўғри келар, балки?

Челмсфорд индамади. Хаёлида: «Қани эди шундай бўлса», деб қўйди. Гамилтон унинг рангпар от юзига қараб, бирон маъно уқа олмади.
— Калта ўйлаяпсиз, Гамилтон, — деди Челмсфорд қатъий оҳангда, — Афғонистоннинг шимол билан алоқасини ҳисобга олмаяпсиз.
— Россия биланми? — Гамилтон заҳархандалик билан кулди. — Болшевиклар аввал ўзларини эплашсин.
— Лениннинг топшириғига кўра Ҳабибуллохон билан алоқа ўрнатмоқчи бўлишганини менга ўзингиз айтувдингиз. Ҳабибуллохоннинг эҳтиёткорлиги туфайли бу иш амалга ошмаган эди. Энди уларга ким тўсқинлик қилади? Амирнинг ёнида ким борлигини унутманг. Россиядаги тўнтаришни газетасида мақтаган одамдан нима кутиш мумкин? Омонуллохоннинг Ленин билан алоқа ўрнатишига шубҳам йўқ. Биздан олмаган ёрдамни, оз бўлса ҳам улардан олади. Биз бу ерда савдо йўлини беркитсак, Россия орқали Европага чиқади.
— Биз бунга йўл бермасак-чи? Маллисон Кушка, Термиз, Каркини олса, Омонулло дардини кимга айтади? Қафасга тушади-ку? Ана унда истасак, дон берамиз, истасак...
— Гап бундай, Гамилтон, вазифангиздан тўймаган бўлсангиз, зийракроқ иш юритинг, Афғонистон Россия билан алоқа ўрнатиш учун бугун бўлмаса эртага ҳаракат бошлайди. Биз бунга йўл қўймаслигимиз шарт. Нима қилишни ўйланг. Оператсияга шахсан ўзингиз раҳбарлик қиласиз. Ҳамма чораларни ишга солишингиз мумкин. Амир Олимхонга чопар йўлланг: Карки, Термиз, Кушка йўлларини қаттиқ назорат остига олсин. Тошкентга битта ҳам афғон, Афғонистонга битта ҳам болшевик ўтмаслиги керак. Генерал Маллисон Олимхон билан доимий алоқада бўлсин. Яна эҳтиёт чорасини ҳам кўриб қўйинг: Россия билан алоқа ўрнатиладиган тақдирда. — Челмсфорд Гамилтонга саволомуз тикилди, — бу дунёда анқов одамлар кўп, тўғрими, хўш, демак, алоқа ўрнатилган тақдирда, афғон элчилари орасида ҳам, рус элчилари орасида ҳам ўз одамингиз бўлиши шарт. — Челмсфорд энди боққа юрмай, сарой томон бурилди. Гамилтон унга эргашди. Челмсфорд зиналардан чаққон кўтарилаётиб, бирдан тўхтади: — Ҳа, айтмоқчи, Олимхон билан Омонуллохоннинг дўстлашувига зинҳор йўл қўйманг, бу ҳам эсингизда турсин.

Челмсфорд юқорига кўтарилганда ичкаридан хизматкор чиқиб, унга думалоқ кумуш патнисда бир парча қоғоз узатди. Ноиби қирол хизматкорига қарамай, хатни олди. Аввал бееътибор кўз ташлади. Кейин қошларини чимириб тез-тез ўқиди-да:
— Ана! — деди қўлидаги қоғозни силкиб, Зинадан кўтарилаётган Гамилтон унинг авзойини кўриб, тўхтади. — Ана, бир ярим ойга ҳукм қилган амирингизнинг гапларини ўқиб кўринг!

Гамилтон юқорига кўтарилиб, хатга қўл узатди. Лекин Челмсфорд хатни унга бермай, киноя билан гапира кетди:
— Боғи баландда нутқ сўзлабдилар. Афғонистон бошқа давлатга тобе бўлиб турар экан, подшоҳлик тожини киймас эмишлар. Панжобдан Кашмирга қадар уларнинг ерлари эмиш. Бобокалонларининг лашкарлари босқинчиларга қарши мардона жанг қилган эмиш. Юртнинг озодлиги учун жон қурбон қилишга чақирибди. Бу нима дегани, биляпсизми? Урушни биз эмас, улар бошламоқчи. Ҳа, ҳа, улар бош-лаш-моқ-чи!!! Мана, ўқинг буни, мана бу ерини ўқинг, — Челмсфорд шундай деб бармоғини қоғоз ўртасига нуқди.

Гамилтон пичирлаб ўқиди:
— «Инглистон ҳукуматининг барча тобелари, мусулмонлар ҳам, ҳиндлар ҳам қирол-императорга ҳалоллик билан хизмат қилиб, садоқат билан бўйсуниб келдилар. Бунинг эвазига инглислар на динга, на номусга, на эътиқодга шафқат қилдилар. Аксинча, бераҳмлик, зўрлик, бузғунчилик билан тақдирладилар. Менинг Ҳиндистон ишларига аралашиш истагим йўқ. Бироқ, ислом ва инсонийлик нуқтаи назаридан қараганда мен Роулетнинг адолатсиз қонунларига қаршиман. Назаримда, ғалаён кўтараётган ҳиндлар жуда тўғри иш юритяптилар...»
— Гамилтон, бу сизнинг хатоингиз, — Челмсфорд шундай деб хатни унинг қўлидан юлиб олди-да, ғижимлаб пастга отди. — Одамларингиз ялқов, лапашанг, бефаҳм... — у яна нимадир демоқчи бўлди-ю, сўз тополмади. Тез-тез юриб ичкари кириб кетди.

Гамилтон мармар зинада бир зум ҳаракатсиз турди. У табиатан оғир, босиқ ҳукмдорнинг бу ҳаракатидан ҳайрон эди. Челмсфорд Омонуллохоннинг амир бўлганини эшитгандан бери тутақади. Унинг бу асабийлашишини кўрган сари Гамилтон ажабланади: Челмсфорд уни ҳозир калтабинликда айблади. Лекин лорд Керзон1 уни узоқни кўра биладиган мутахассис сифатида қадрлайди. Ҳабибуллохон тақдири «қиморга тикилган» онда Гамилтон ўнлаб гумонларни ҳисоб-китоб қилган, шулар орасида Омонуллохоннинг тахтга ўтириши ҳам мавжуд эди. Шу сабабли бу хабарни хотиржам кутиб олди. Ҳиндистон ҳукмдори эса...

«Ҳиндистонни бу пўк юрак билан бошқариб бўлмайди» — Гамилтоннинг хаёлига шу гап келди.

Орадан бир ой ўтгач, у Омонуллохонга юборилажак мактуб қораламасини олиб, Челмсфорд ҳузурига кирди.

«Афғонистон амири Омонуллохонга!

Абадий дўстлик ва ўзаро ҳурматга йўғрилган мактубингизни олдик. Отангиз вафотидан чексиз қайғудамиз ва таъзиямизни йўллаймиз. Сизни тахтга ўтирганингиз билан қутлаймиз. Буюк Британия ва Афғонистон ўртасида мавжуд мустаҳкам дўстлик алоқалари марҳум бобонгиз «миллат ва дин шуъласи», марҳум отангиз «миллат ва дин зиёси» тузган шартномалар асосидадир. Мактубингиздан менга маълум бўлдики, Афғон ҳукумати бундан кейин ҳам бизга аввалгидай содиқ дўст бўлиб қолади...»

Лорд Челмсфорд мактубни ўқиб, киноя билан деди:
— Ақл билан ёзилибди, маъқул. Аммо... Гамилтон, сиз уларнинг умрини бир ярим ой деб белгилаган эдингиз, эсингиздами? Хўш, энди нима дейсиз? Шу мактуб билан енгамизми уларни?
— Сер, маълумотларга қараганда, Омонуллохон чиндан ҳам урушга тайёрланяпти. Қўшинларини уч йўналиш бўйича чегараларимизга ташламоқчи. Бу мактуб вақтдан ютиб, уларни чалғитишимизга ёрдам беради. Улар асосий ҳаракатларни бошлаб улгурмай, биз ҳужумга ўтсак бас.
— Бир ҳафталик уруш денг? — деди Челмсфорд яна кесатиб.
— Ҳа, сер, мен ҳарбий эмасман, бироқ ғалабанинг яшин тезлигида бўлишига ишонаман. Аеропланлар Кобулга учиб бориб, бомба ташлаган куниёқ Лондонга хушхабар йўллайверамиз, менга ишонаверинг.

Челмсфорд унга ишонди. Чунки ҳарбий қўмондоннинг фикри ҳам шу эди. Улар ҳаммасини аниқ ҳисоб-китоб қилишди. Улар фақат бир нарсани: ватан ва озодлик туйғуси аеропланлардан ҳам, замбараклардан ҳам қудратлироқ эканини унутишди.

6

Савр серёғин келди. Ўтган куз совуқ барвақт тушиб, барвақт сургун этилган қушлар гўшаларига анча ҳаяллаб қайтдилар. Ҳамал гулга ёр бўлиб кўз очгандан бери Омонуллохон хавотирда: самода сузган булут унинг кўзига абри бало бўлиб кўринади. Хешлари унга қилич кўтармай, ноиблари бирин-сирин итоат мактубларини йўлласалар-да, кун ўтган сайин у амирлик тожининг оғирлигини тобора ҳис этарди. Унинг зийрак зеҳни аъёнларининг якдил эмаслигини ҳам тобора аниқроқ сезарди. Қанотларининг бири амирни учишга чорласа, бири пастга тортади.

Омонуллохон ҳар тонг аморат девони1дан хабар кутади. Ҳиндистон ноиби қиролининг жавобига бир ойдан бери илҳақ. Қайнотаси сардор Маҳмудбек Тарзи: «Челмсфорддан яхши нома кутманг, шимолдаги қўшни билан дўст тутинайлик», деб кўп эслатди. Амир Ҳиндистондан келадиган мактубни кутиб, қайнотасининг таклифини пайсалга солаверди.

Бугун оқшом савалаб ўтган ёмғирнинг салқинида амир саробўстонда сайр қилиб юрарди. Хуфтон ўқиб бўлинган, Кобул аҳлининг аксари эртаги юмушлар ташвишида уйқуга берилган. Омонуллохон кипригига уйқу илиниши қийин. У қайнотасини чорлаган.

Бемаврид йўқловдан бир оз хавотирланган Тарзи боғда ёлғиз турган куёвининг аҳвол-руҳиясидаги эзгинликни кўриб, ажабланди.
— Сардор, Ҳиндистондан хабар йўқми? — деди амир.
— Хушхабарга умид ҳам йўқ.
— Ажаб... Биз улардан буткул юз ўгирганимиз йўқ, аввалгидай алоқада бўлувимизни маълум этиб эдик-ку, англаб етишмадими?
— Инглистон сиз сузиб берган ошга қаноат қилмайди. Қозон бошини беринг уларга.

Амирнинг лаблари титраб кетди:
— Акс ҳолда... урушми? — деди оний сукутдан сўнг.

Омонуллохон, яқиндагина отасини уруш очишга ундаган сафдар амирзода, ҳозир ўзининг гапидан ўзи чўчиди. Отасига айб қўйганида, юрт озодлиги, мустақиллигини эълон қилганида ботир эди. Энди «урушнинг ҳиди келиб қолди», деган фаразнинг ўзиёқ унга даҳшат бўлиб кўриняпти. Бир неча ой муқаддам озод қабилалар ёрдамида ғанимни тавбасига таянтириш мумкин, деб ҳисоблаган йигит амирлик тожини кийиб, юрт тақдирига жавобгарликни бўйнига олгач, бу ишнинг бутун машаққатини сезиб, юрагига ғулғула тушди.

Тарзи — қувғинлик жафосини, мусофирлик тузини тотган, озодлик, муқаддас тупроқ қадрига етган, озод юрт деб жабрлар ўтида жонини ёққан одам, эндиликда донишманд вазир — амирнинг аҳволини яхши тушуниб турар эди. Салтанатни юритиш — Кобулга ноиблик қилиш, ваъдалар бериш эмас. Амир бошига ёғилажак ғавғоларни писанд этмай, тож кийди. Мана энди илк тўғаноқларда гангиб турибди. Шодлик ортидан фиғон кўринур, деганлари шуми ё? Унинг гангиши фақат ҳадиксирашдан эмас. Тарзи амир атрофида Қодир оға ҳазратнинг гирдикапалак бўлишидан хабардор. Куёви билдирмаса ҳам ҳазратнинг ниятларидан огоҳ. Кунда амирга ҳазрат мисол яна неча одам таъзимга киради. Неча одам салтанатни бошқариш йўлни кўрсатади.
— Бобокалонларим йўли менга насиб этган экан-да, — деди амир бир зумлик жимликдан кейин, — начора, айёми шабобим барҳам топиб, аморат сийти хусусида қайғурмоқ вақти етибди. Афғонистонни буткул озод кўрмак учун қўлимиздан келганини қилиб, қолганини сарнавишт ҳукмига топширажакмиз... Русияга нома битмакни гапириб эдингиз?
— Ҳа, амир соҳиб, мусовида сизнинг назарингизга муҳтож.
— Юринг, — амир шундай деб ичкари йўл бошлади. Европа усулида жиҳозланган ёруғ, кенг хонага киргач, қайнотасига юмшоқ курсидан жой кўрсатди.

  

— Қулоғим сизда, сардор, — деди у Тарзининг рўпарасига ўтириб. Тарзи қўйин чўнтагидан қоғоз чиқариб, кўзойнагини тўғрилаган бўлиб, ўқишга тутинди.
— «Буюк Русия давлати президенти олий ҳазратларига...»
— Давлатларининг номини Шўрави Руси деб эдингиз шекилли?
— Амир соҳиб, давлатларининг номи, шунинг баробаринда аъёнларининг номи бизга аниқ эмас. Номини шу илтифот ила бошламоғимиз мақбул.
— Ўқинг.
— «Афғонистон ҳукмдори амир Омонуллохон сизга салом юбориб, соф юракдан ҳурмат билдирур».
— «Биродарлик саломини», деб тузатинг. Шунда илтифотимиз тугал бўлади.

Тарзи маъқул ишорасинда бош ирғади.
— «Мусибатли воқеа юз берганини, халқимиз кўзидаги нур, динимиз таянчи бўлган олий ҳазрат падаримнинг ўз юртида саёҳат этиб юрган чоғида номаълум жинояткор томонидан ўлдирилганини чуқур алам ва ҳасрат ила билдираман». «Шунинг билан биргаликда, ҳижрий санасининг 1337 йилида, жумодул аввалнинг 19-кунида, яъни насарий санасининг 1919 йили, 21 феврал кунида мустақил ва озод Афғонистон пойтахти бўлган Кобулда подшоҳлик тожини кийганлигим ҳамда тахтга ўтирганимни сизга маълум этаман...»

Тарзи мактубни охиригача ўқиб бўлач, иккинчи қоғозни олди:
— Ҳорижий алоқалар қоидасига биноан мен ўз номимдан ташқи ишлар нозирига мактуб битдим.
— Маъқул, сардор. Ҳаяллатмай жўнатиш тадоригина кўриб қўйгандирсиз?
— Фикри ожизимча, энг яқин йўл билан — Мазори Шариф орқали Тирмиз қалъасига етказмагимиз айни муддао бўлур.
— Бу саъйимиз сир тутилмоғи даркор. Русиядан жавоб олганимиздан сўнг ҳаракатимизни ошкор этамиз. Мактуб иттифоқий одамлар қўлига тушмаслиги шарт. Аморат девонидаги ишончли одамлардан бирини танланг. Унинг ёнига... — амир бир зум ўйланди,— ёдингиздами, Кобулга ноиб эканимда бир соварни айтиб эдим. Номини эслайсизми?

Тарзи елка қисди.
— Мен ҳам унутибман. Уни ҳузуримга чорлайман, деб эдим. Шу ёвқур соварни топмоқ лозим. Ҳа, Чораймоқдан эди. Мусулмоншева йигит, бир бақамти бўлсангиз кифоя, билиб оласиз. Икки нотаниш йигитни йўлласангиз, бир-бировидан ҳадиксираб, хоин бўлса-да, ўзини тийиб, ниятига ета олмайди. Алқисса, мактубимиз эсон-омон етиб боради.

Ғуломқодир бомдодни ўқиб бўлиб, азми тасбиҳу мусаллога шайланганида уни йўқлашди. «Азҳару мин аш-шамс амир Омонуллохон» ҳузурига ошиқиш зарурлигини билиб ҳам ажабланди, ҳам бир оз хавотирга тушди.

Амир саройида хуштаъм таомлар билан қоринни тўқлаб олган Ғуломқодир кун ёйилмай туриб, нотаниш ҳамроҳи билан биргаликда Мазори Шариф сари от солди. У амир билан кўп суҳбатлашмади. Омонуллохон гапни қисқа қилди. Ғуломқодир унга эътироз билдириб, мақсадини билдиришга журъат этди. Амир унинг гапларини инобатга олмади.

«Зиммангга юкланган юмушни ўринлатувинг Инглистоннинг ўн пултон сарбозини маҳв этмак ила баробар», деди.

Балки олиб кетаётган номаси ғанимнинг буткул лашкарини қириб юборар, бундан Ғуломқодирга не фойда? Сариқ юзли бу нобоплардан бирининг қонини ўз қўли билан тўкмас экан, қасос ташналиги босилмайди. Буни амир тушунмади...

Ғуломқодир нима қилсин, амир фармони вожиб. Ҳамроҳини танимайди. «Бул вазифани саройнинг ишончли одамларига эмас, нечун менга топширишди? Мен ҳамроҳимни пойлайманми ё у меними?» — деган хаёл то Мазори Шарифга қадар, ундан дарёга етиб, кечиб ўтиб, тилига тушунмайдиган одамларга рўпара бўлгунга қадар тинчлик бермади. Бу бир умрга жумбоқ бўлиб қолди, десак-да, янглишмаймиз.

Дарёни сузиб ўтишгач, уларни қалъага олиб боришди. Ғуломқодир гапирди, улар гапиришди, бир-бирларига тушунишмади. Тилмоч келгандан кейингина ҳар икки томон енгил тортди.

Қалъа бошлиғи амирнинг муҳри босилган мактубни олиб, дарҳол инқилобий ҳарбий қўмитани йиғди. Муҳрга қараганда муҳим ҳужжат эканини, уни Бухоро амири ерларидан омон-эсон олиб ўтиб, Тошкентга етказиш зарурлигини айтди. Бир қанча таклифлар муҳокама этилди. Олимхон сарбозлари темир йўлни кўп ерларда бузиб ташлаган эдилар. Шу боис тўрт киши дрезинада Тошкентга йўл оладиган бўлди.
— Жавобни кутасизларми? — деди бошлиқ, элчилар ҳузурига чиқиб. — Биз уни Тошкентга жўнатамиз.
— Биз-чи? — деди Ғуломқодир.
— Сизни юборолмайман. Йўл хатарли. Истасангиз шу ерда кутинг.
— Мен кутаман, — деди Ғуломқодир.

Шундай қилиб Ғуломқодир Термизда қолди. Ҳамроҳи эса изига қайтди.

Учинчи боб - Айрилиқ Ўти

1

Бу нима: тушими ё ўнгими? Наҳот бир тирик жонга шунча ғам раво кўрилса?! Наҳот одам бу кўргуликларга чидай олса? Бу митти юрак ўзига шунча ситамни қандай сиғдиради? Бу қайғуларга чидаш бергандан кўра ёрилиб кета қолмайдими, уни азоблардан қутқара қолмайдими?

Ҳеч ишонгиси келмайди. Кенжаси ҳали ҳам уйда Каласнинг қулупнайини кутиб ўтиргандай. Ҳовлига қадам қўйиши билан, «адажоним келдилар!» — деб маҳкам қучоқлаб оладигандай...

Тақдирини, эндиги ҳаётини остин-устун қилиш учун бир кеча кифоя қилдими? Унда кимнинг қасди бор экан? Қасд қилган номард, ўзига рўпара келмайсанми, пичоғингни кўксига санчмайсанми, санчиб-санчиб хуморингдан чиқмайсанми. Шу болаларнинг ҳаёти учун бир эмас, ўн жони бўлса ҳаммасини бермасмиди. Пичоғингни санчиб, бураб-бураб олаётганингда ҳам ғиқ этмаган бўларди-ку...

Каласга кетаётганда гуллаб турган хонадони бирдан ҳувиллади.

Ижара уй қидириб юрган одам узоқлашгач, сафарга чиқишга оёғи тортмай қолган эди-я... Ҳатто Эскижўвага бориб, отга минганида ҳам уйига қайтгиси келувди. Қайта қолмайдими, болалари билан бирга ёниб кета қолайдими?..

Кўнгил хижил бўлса ҳам, қоронғи тушгунча етиб олай, деб отни қичаб ҳайдаган эди.

Бора-боргунича йўл четларидаги хароб бостирмаларни, бостирмалар атрофида юрган бечораҳол одамларни кўриб, Асадулланинг ичи ачишарди. Сомонсувоқ бостирмаларнинг ҳар биридан нола эшитилгандай бўларди. Шундай серҳосил ерларда деҳқон ночор яшаса?! Ўзи экиб, ўзи ўриб, ўзи янчган донга зор бўлса?

Каласга бораётган Асадулла қишлоққа кираверишда тўхташга мажбур бўлди: тарвақайлаб ўсган бир туп ўрик дарахти остида оқ яктак, оқ иштон кийган ялангоёқ чол йигирма қадамча нарида жавдираб турган ўн ёшлар чамасидаги болаларга қараб бақирар эди:
— Хонумонимни куйдирасанларми? Шуни ҳам кўп кўрасанларми! Инсоф борми сенларда?!

Бошқа вақт бўлганида Асадулла чолнинг бу қилиғидан ранжирди. Чунки қариялар меваларни болалардан ҳеч қизғанишган эмас. Бола-бақра тош-кесак отиб безор қилаверса, ёлғиз пўписа билан қувишган. Ҳозир эса... чол астойдил ҳайдаяпти.

Асадулла отдан тушиб, чолга салом берди. Чол батартиб кийинган, истараси иссиқ бу одамга ажабланиб қараб қолди.
— Отахон, болаларни қарғаманг. Билмай қилишган бу ишни.

Чол ўз ишидан ўзи уялдими, бошини сарак-сарак қилиб кўзини олиб қочди.
— Хўп гапни айтдингиз-ку, а, қарғаган бўлсам тил учида қарғадим, азбаройи... майли, еганлари ош бўлсин, илойим. Кўз тикиб турганимиз шу-да. Уйимда егулигим бўлса, худо берган неъматни қизғаниб барака топармидим? Мулла одамга ўхшайсиз, аҳволимиз маълумдир сизларга?
— Аҳволингиздан хабар олай, деб келдим. Ижозат берсангиз, шу супангизда нафас ростласам, — Асадулла шундай деб, отнинг оёғини тушовлади.

Чол уни нураб ётган супага бошлади. Титилиб кетган бўйра устига ўтирдилар. Чол қуроқ дастурхон ёзиб, сопол тақсимчада думбул ўрикдан қўйди. Асадулла халтадан иккита нон, бир бўлак қанд чиқарди-да, битта нон билан қандни чолга узатиб: «Ичкарига беринг», деди. Қария нонга хижолат билан қўл узатди.
— Ўзингиз сафарда экансиз, тақсир, насибангизни яримта қилиб...
— Олинг, отахон, олаберинг, йўл юрганнинг насибаси йўлда, териб еяберади.

Қумғон қайнаб, чой дамладилар. Асадулла қарасаки, чол қимтиниб, нондан деярли тишламаяпи. Шу сабабли уни гапга солиб, чалғитмоқчи бўлди:
— Отахон, давру давронлар ўзгариб кетди, туриш-турмушингиз қалай бўляпти?

Чол оғзидаги нонни қулт этиб ютди.
— Бу йил Яратганнинг раҳми келди шекилли, сал дуруст.

«Яратганнинг раҳми келди», деган гапни эшитиб, Асадулла мийиғида кулиб қўйди.
— Ерларни мусодара қилишдими? Сизга қанча тегди?
— Пешонамизга битган, Худо берган бир парча еримиз бор. Мусодара ерлардан бизга ҳам бердилар. Олмадик. Суриштираман, десангиз, кўпчилик олмади. Ўт босиб ётибди ерлар.
— Нимага?
— Сабаби кўп, тақсир.
— Сиз шу сабабларни менга айтинг-да. Мендан чўчиманг, ниятим гап ўғирлаш эмас. Биз ер ишлаганники бўлсин, бой фақирнинг қонини сўрмасин, деб инқилоб қилдик, ерларни тортиб олиб сизларга бердик. Бу учун қон тўкдик, то ҳануз қон тўкиляпти, қадрдон дўстларимиздан жудо бўляпмиз. Сиз эса бойга хизмат қилиб юриб, энди ўзингиз учун ишлагингиз келмайди.
— Ундай эмас, тақсир. Асти ундай эмас. Айт десангиз, айтай: бугун бойнинг ерини олсак, эрта бой қайтса шўримизни қуритмайдими?
— Бой қайтмайди, бунга йўл қўймаймиз. Ҳукумат ишчи-деҳқонники, бойники эмас. Мана мен ҳукумат аъзосиман. Сиз нуқул тақсир, тақсир дейсиз. Мен сиз билган тақсирлардан эмасман. Аслимни сўрасангиз, иморатсоз устаман.
— Бу гапларни хўп эшитганмиз. Бари бир юрак дов бермайди-да. Юрак дов бергани билан чўпчак айтсангиз экин бўлавермайди. Ерга қараш учун от-улов керак. Беш панжа билан шудгор қилоломасак... Билмадим, нима бўляпти ўзи, астағфирулло, охир замон деганлари шумикин?
— Охир замонингиз нимаси, янги замон бошланяпти. Ўзбекнинг бағрига шамол тегадиган, давру-даврон сурадиган замон бошланяпти. Бу замоннинг қадрига сиз билан биз етмасак, уволи тутади. Ҳаракат қилиш керак, жон куйдириш керак.
— Хўп гапларни гапиряпсиз-да, тақсир, — чол шундай деб бўшаган сопол пиёлани тўнтариб қўйди.
— Сиз нондан олинг, гапга солиб, чойдан қўйдим-ку, сизни.
— Қуллуқ, тақсир, қориннинг хархашаси тинди. Камбағалнинг тўйгани — чала бой бўлгани. Чала бой бўлдик бугун. Сизларнинг қадамларингиз ёқиб, чин бой бўлиб кетсак ажабмас... Энди... мени гапга солганингиз билан, сезиб турибман, бир юмуш билан келгансиз бу томонларга.
— Уч-тўрт деҳқон тўппа-тўсиндан омонатини топширган эмишми?
— Ҳа... — чол афсусланиб бош чайқаб, соқолини тутамлади. — Баҳорда янги ҳукумат ер берган эди. Одамлар: «Бировнинг ҳаққи, олманглар», дейишибди. Ўжарлигими ё, билмадим, бошқа сабабми, бошларини еди-да. Жўжабирдай жон эди ҳаммаси.
— Кимнинг ерлари эди?
— Тошкентлик Ҳасанхон ҳазратники.

Бу гапдан сўнг масала ойдинлашгандай бўлди. Ҳасанхон ҳазрат... Асадулла уни яхши билади. Сибирга сургун бўлгунга қадар кўп дуч келгана унга. Янги мактаб деса қузғундай учиб келиб, яксон қилгучи зот эди у. Ҳуррият арафасида «Шўрои исломия» шу ҳазратнинг истаги билан иккига бўлиниб, «Уламо» юзага келди. Асадулла ўшанда, «вабодан ҳам, ўлатдан ҳам баттар жамият», деб баҳо берган эди унга. Энг муҳими... «Уламо» Асадуллани ўлимга ҳукм қилганда шу ҳазрат оқ фотиҳа берган эди.

Қўқон мухторияти бўғилгач, бу ҳазратнинг ҳам нафаси ўчган эди. Уни ўлган ё қочган, деб тахмин қилардилар. Унинг тасарруфидаги ерларда деҳқонларнинг тўсатдан ўлиб қолишлари, сўнг «қарғиш теккан ер», деб овоза тарқалиши Асадуллада шубҳа уйғотди. Бу ҳазратнинг ишими ё номаълум кавакларда жон сақлаётган муридларникими, шуни билмай ҳайрон эди.

Кўчада эшак етаклаган ўн тўрт-ўн беш ёшлар чамасидаги бола кўринди. Бола қари эшак билан баҳс бойлаганми, қовурғалари аниқ-тиниқ саналгудай эди. Бола ҳовли томон қараб, қарияга салом берган чоқда эшаги мункиб кетди-ю, устидаги бир қоп буғдой тушиб, сочилди. Бола пича гарангсиб, сочилган буғдойга тикилди. Сўнг ёшига ярашмаган ҳолда йиғлаб юборди. Қария ўрнидан чаққон туриб, бола томон юрди.
— Нимага йиғлайсн, болам, йиғлама. Худога шукр қил, буғдой тўкилди, энди юртда серобчилик бўлади, шукр қил, болам, шукр қил.

Чол тўкилган буғдойни кўзига суртиб «худойимдан айланай, серобчилик юборади энди», деб қўйди. То буғдойнинг сўнгги бошоғи териб олингунча чол бу гапни бир неча марта такрорлади. Бир дона ҳам бошоққа хиёнат қилмаган чол яқиндагина ўрик қоққан болаларни ҳайдаган одамга сира ўхшамас эди.

Асадулла қоронғи тушгани учун қишлоқ ораламади. Чол билан шу супада ётиб қолди. Азонлаб туриб, уйма-уй юрди. Сўриб-суриштирди. Ҳамманинг оғзида бир гап: қарғиш теккан ерда ишламасликлари лозим эди... Асадулла бу гапларни эшитгани сайин кўнглига хавотир ораларди. Деҳқонларнинг бирдан шайтонлаб, жон беришлари улар заҳарланганликларидан далолат берарди. Шўроларга ишонмай юрганлар шу ишга астойдил бел боғлаган бўлса, уларнинг пайини қирқиш қийин бўлади. Одамлар ерларга қарғиш текканига ишониб, далага чиқмай қўядилар. Оқибатда минглаб таноб ер қаровсиз қолади. Бу, демак, юртга кутилмаган янги қаҳатчилик човут солади.

У ҳурриятдан кейин ҳамма нарса ўзгаради, яхши бўлиб кетади, деб бекор кутган экан. Малъунларнинг малъунлиги ўзгармай қоларкан. Кийимлар бошқа, муомалалар бошқа, аммо деҳқон ҳақиқат нимадалигини билолмай ҳануз ҳайрон.

Асадулла ўзича шу хулосага келиб, шаҳарга қайтди. Кун тик келганда Тошкентга кирди. Хулосаларини баён қилиш мақсадида тўғри Марказий Ижроқўмга учраган эди, унга, «тезда уйингизга боринг», дейишди. Бу гапни эшитиб, юраги шиғ этиб кетди. Нимага шундай бўлганини ўша топда билмади.

2

Гуллаб турган, чарақлаб турган, яшнаб турган уй бир кечада куйиб, кўмирга айланса...

Энди қуёш нимага чиқяпти, нимага нур сочиб турибди... Энди бу қуёш, бу нурнинг унга нима кераги бор...

Туркижроқўмдан автомобилда йўлга чиққан Асадулла уйига етиб келгач, қорайиб турган деворларни кўрди-ю, эси оғиб қолаёзди. Шошилганидан автомобил эшигини қандай очишни билмай тимирскиланди. Ҳайдовчи чаққонлик билан пастга тушиб, эшикни очмаганда анчагача шундай ўтириши тайин эди. Пастга тушгач, тўпланиб турган одамларга қаради. Кўз олди қоронғилашганидан уларни дафъатан танимади. У ўша одамлар орасидан хотини, болалари ажраб чиқишини кутди. Лекин улар кўринмади... хотини, болажонлари кўринмади... «Қулупнай олиб келинг», деб қолган кенжатойи кўринмади...
— Қани... болаларим қани?!

У, назарида, жонҳолатда, бор овози билан бақирди. Аслида эса бу дардли сўроқ титраб, лабларидан базўр учди. Уйига талпиниб, югурмоқчи эди, тош қотган оёқларини қимирлата олмади.

Кимдир яқинлашиб унга далда берди — сўзлар қулоғига кирмади. Бошқалар ҳам унга бир-бир яқин келиб гапирдилар. Бу гапларни ҳам англамади. У ҳозир бир нарсани аниқ биларди: уйи ёнган. Хотини, болаларига бир нима бўлган. Нима бўлган: куйишганми? Шифохонага олиб кетишганми уларни? Асадулланинг кўз олди бир оз равшанлашди; дарҳақиқат, енгил-элпи куйган бўлса даволагани олиб кетишгандир... Ўзини ўраб турган одамлар кўзидаги мунгни кўриб бирдан томоғига нимадир қадалди. Билагидан ушлаб турган одамни таниди: Шувалов. Тупроққўрғонда топишган, бирга яраланиб, бирга даволанган, синашта бўлиб қолган дўсти. Шувалов уни уй томон бошлади. Асадулла унга суяниб оғир-оғир қадам босарди. Бошқалар турган ерларида қолишди.

Аввал ҳовлига кирдилар. Кечагина бу ҳовлида атиргулнинг дастлабки ғунчаси лаб очган эди. Қад ростлаб, шохлай бошлаган райҳонлар ҳиди атрофга тараларди. Энди ҳаммаси топталган. Ўтни ўчиришаётганда пайҳон қилиб ташлашган. Ҳозир Асадулланинг кўзига булар кўринмайди. Ҳозир унинг кўзи уйга олиб кирувчи эшик ўрнида. Назарида бу ёниб кетган эшик ўрни эмас, балки ўлим ғорига бошловчи қора туйнук бўлиб кўринди.

Шувалов уни уй ичига эмас, ҳовли этагига, меваси пишай-пишай деб турган баҳайбат балхитут томон бошлади. Тут тагидаги супага бўйра солинган. Унда нимадир дўмпайиб турибди, устида анча уринган чойшаб. Асадулла бу манзарани кейинроқ элас-элас эслайди. Ҳозир эса ёнидаги одамни нари итариб, супа томон интилади. Оёқлари чалишади. Супага етиб келиб чойшабни тортади...

Асадулла кўрганини даҳшат деб бўлмас. Чунки даҳшатни кўрганда одам зоти қўрқувга тушади. Ундан қочишга ёки уни даф этишга киришади. Йўқ, бу даҳшат эмас, тасвирлашга сўз ожизлик қилувчи ундан баттар нарса эди...

Жизғанаги чиқиб кетган хотини, болалари акашак бўлиб ётишарди. Кенжаси онасига қаттиқ ёпишган. Уни ажратиб олишолмаган шекилли... Уйқусида онасини ачомлаб ётишни яхши кўрарди. Шундай ётибди.

Ҳали ўт тўла ўчмай туриб, уйга биринчи бўлиб Шувалов отилиб кирган эди. Аланга босилгани билан ҳали ғўлалар писиллаб оқиш тутун чиқарарди, бу тутунда уй ичини кўриш маҳол эди. Шуваловнинг кўзи бурчакдаги қорани илғади. Яқин бориб қаради: ўртада она, атрофида болалари. Она товуқ жўжаларини қаноти остига яширгандай Ҳожияхон ҳам болаларини қучоқлаб олган...

Шуваловнинг кўргани шу. У ҳали эшик, деразалар олдига ғўзапоялар уюлиб, устига ермой сепилиб ёқиб юборилганини, ичкарига тутун ўрмалаб кириши ҳамон Ҳожияхоннинг уйғонгани, болаларини уйғотгани, йўл тополмай ўзини ҳар ён ургани, болаларнинг аввал қўрқувга тушиб, сўнг жон аччиғида фарёд урганларини билмайди.
— Адажон, қаердасиз!!!
— Адажон, жон, адажон!!!

Бу норасидаларнинг, бу онаизорнинг не азоблар билан жон берганларини ҳеч ким билмайди. Кўз олдига ҳам келтира олмайди. Энг охирида кенжатойнинг жони узилди. Онасини қаттиқ қучоқлаб, додлашга ҳам қурби етмай ўтди бу оламдан...

Зорланиб чақирганлари, адажонлари келди...

Нечун жимсан, Ҳожияхон? Кўз очиб кўрганинг, йўлларига кўз тикканинг, Сибирда юриб сени сарғайтирган, хавотирга солган ширинсўз эринг келди. Оч кўзларингни, ҳеч бўлмаса бир оғизгина гапингни айтиб кетгин...

Нечун жимсиз, болалар? Отангиз ҳовлига қадам босиши билан ҳаммангиз югурар эдингиз, бўйнига осилар эдингиз... Сизга, сизнинг ўртоқларингизга савод ўргатувчи, китоблар ўқиб берувчи, эртаклар айтувчи, сизларни дорилфунунларда ўқишларингизни умид қилувчи меҳрибон дадангиз келди. Ҳеч бўлмаса сизлар бир нима денглар...

Кенжатой, сен-чи? Сен нимага жимсан? Ахир сен эмасмидинг даданг келганда энг кўп суюнадиган. Сен эмасмидинг, дадангнинг қучоғидан тушмай, калта соқолини силаб ўтирадиган. Сен эмасмидинг уни ҳаммадан қаттиқроқ қучоқлаб оладиган... Сен ҳам гапирмайсанми?

Нимага жимсизлар? Ахир дадангиз келди...

Асадулла супага чиқди. Хотини ёнига тиз чўкди. Бирдан атроф қоракуяга айланди қолди. Нафаси тиқилди. Қулоғи шанғиллади. Сўнг шанғиллаш тинди. Атроф сокин... Тиқ этган товуш йўқ. Кўз олдидаги қоракуя ҳам йўқолди. Ҳаммаёқ оппоқ... оппоқ... Ҳеч нима кўринмайди. Атрофда ҳеч нима йўқ...

3

Госпиталдаги врачлар, Асадулла учинчи куни ҳам ҳушига келмагач, ундан умид уза бошлаган эдилар. Лекин муолажа таъсирданми ёҳуд азоб-уқубатларда тобланган жисми бу сафар ҳам машъум кўргиликка бардош берганиданми, ишқилиб, тўртинчи куни кўзини очди. Бадани зирқиради, мияси ғувиллади. Бирон нимани дафъатан англай олмади. Сибирдалигида ёмон туш кўрганда шундай бўларди. Бугун тушида нимани кўрди? Уйи... ёнган уйи... болалари... Эслади. Ҳаммасини эслади. Супани, супадаги хотини, уни қучоқлаган кенжаси...

У инграб юборди.

Асадулла кўзини очганда навбатчи ҳамшира докторга югурган эди. Доктор кирганда Асадулла яна беҳуш ётарди. Доктор унинг билак томирини ушлади. Ҳамширага саволомуз қаради.

Бир оздан сўнг Асадулла яна кўзини очди. Бу сафар миясидаги ғувиллаш камайган эди. Доктор ўткир ҳид тарқатаётган суюқ дори тутди. Қурушган лаблар унга итоат этмади. Дори тўкилиб, жағидан томоғига оқди. Доктор уни суяб, қаддини кўтарди. Асадулла кўрганлари тушими ё ўнг эканни сўрамоқчи бўлди. Бироқ унга тили ҳам бўйсунмади.

Кейинги кунларни бир ҳушидан кетиб, бир ўзига келиб ўтказди. Аъзолари аста-секин ўзига бўйсуна бошлади. Икки ҳафтадан сўнг, ўзини тетик сезиб, ўрнидан турди.

Унинг олдига асосан Шувалов келарди. Аҳамиятсиз, Асадуллани мутлақо қизиқтирмайдиган воқеаларни гапира-гапира чиқиб кетарди. Унинг шошиб турганини Асадулла сезарди. Ҳозир ЧК ходимининг касални йўқлашдан муҳимроқ ишлари бошидан ортиб ётибди. Шу сабабли ҳам Асадулла уни тутиб турмасди. Шувалов ҳар сафар Асадулла бўлиб ўтган мудҳиш воқеадан сўз очармикин, деб чўчирди. Бу воқеани эслаш, ҳаяжонланиш Асадуллани яна тўшакка михлаши мумкин эди. Бу воқеа ҳақида сўз очила бермагач. Шувалов аввал: «Наҳот бутунлай унутган ё хотирасига бир нима бўладими?» — деб ўйларди. Сўнг унинг ботиқ кўзларидан нур қочганини, баъзан бир нуқтага тикилиб ўйга ботганини кўриб, унинг иродасига қойил қоларди.

Асадулланинг хотираси жойида, мудҳиш манзарани унутгани йўқ эди. У ҳамма нарсани эсидан чиқариши мумкин, аммо бунисини унутмайди. Ҳатто орадан йиллар ўтиб, сўнгги нафаси чиқаётганда эслайдиган нарсаси ҳам шу бўлади. Кўз олдига қора парда тортилганида шу манзара — жизғанаги чиққан хотини, унга ёпишган кенжатойи кўринади. Қаттиқ уф тортади. Кейин икки кўзидан икки томчи ёш сизиб чиқиб ёноғига думалайди... Вассалом... Бунга ҳали бир неча йил бор. Асадуллани ҳали олдинда кўп синовлар, кўп курашлар кутади...

Ҳозир у госпиталнинг кенг хонасида ёлғиз. У энди ўлим ҳақида ўйламайди. Чунки бу ҳақда ўйлаш — ўлимдан қўрқиш демак. Асадулла бу қўрқув майдонидан ўтиб бўлган. У кўпроқ қотилнинг кимлигини ўйлайди. Ҳар сафар кўз олдига ижара, бошпана қидириб юрган айиқдай йигит келади. «У-ку, бажарувчидир. Уни йўллаганлар ким?» Асадулла баъзан «Уламо»нинг ҳукмини эслайди. Бу ҳукм ўн еттинчи йилнинг ёзида ўқилган эди. Орадан икки йил ўтиб... Болаларида нима гуноҳ эди? Ё уни ҳам уйда деб гумон қилишганми?.. Икки йилдан сўнг ҳукмни ижро этиш уларга нима сабабдан зарур бўлиб қолди?.. Асадулла турли тахминларга борарди. Қотилликдан мақсад — Афғонистонга боражак ваколатга тўсқинлик экани ҳақидаги ўй хаёлига келмас эди.

4

Муҳиддин Асадулла билан учрашгандан кейин муюлишдаги пахса деворга суяниб турган йигитга яқинлашди.
— Ўша одамни таниб олдингми? Ҳали кечроқ уйига қайтади. Қайтганидан кейин бошлайсанлар. Овоз чиқмасин. Сен шу уйдан кўз узмайсан. Менинг кимлигимни биласан, а?

Бу гап хотинини бой берган қиморбозга малол келди.
— Ў, манам юрибман эркакман, деб, жа тупроққа қориштирворманг, ока!

Муҳиддин уни елкасига уриб қўйди.
— Йигитлигингга борман-да.

Муҳиддин қиморбозларнинг бир сўзли экани, айтганидан қайтмасликларини биларди. Шу учун хотиржам эди. Оқшомда яна тўрт қиморбоз сомонбозорга келди. Улар аравага ғўзапоя босиб, Мирободга жўнадилар.

Қоровулликда қолган йигитнинг кўзи кўчага тикила-тикила толди, юраги сиқилди. Охири бор-э, деди-ю, самовархонага кириб, пиёлага кўкноридан эзиб, ичиб олди. Ғира-шира қоронғида самовархонада нимадир шарақ этиб, кайфини учириб юборди. У шошиб ўрнидан турди-да, Муҳиддин тайинлаб кетган жойга жўнади. Атрофга тимқоронғилик тушганда арава ғилдиракларининг ғижирлаши эшитилди.
— Келдими?
— Келди. Уйида хотинини қучоқлаб ётибди...

Тун ярмидан оққанда Асадулланинг уйида аланга кўтарилди...

Муҳиддин Асадулланинг қандай тирик қолганини билмайди. Қоровулликдаги йигит юз қасам ичсин, минг қасам ичсин, фойда бермади, бари бир асфаласофилинга жўнади. Бошқалар ўз ишини билиб қилган эди. Муҳиддин уларга тегмади.

Хаустон Муҳиддиннинг Асадуллага дуч келиб қолганидан бехабар эди. Агар буни билганида сафар тадоригини тезлатарди.

Асадулланинг тирик қолиши унинг режаларини кўп ҳам ўзгартирмади. У тирик қолгани билан бу мудҳиш воқеадан кейин ўзига келиши қийин. Агар болшевиклар шошилаётган бўлсалар, уни кутишмайди. Ўрнига бошқа одам жўнайверади. Лекин унгача анча вақт ўтади.

Энг муҳими, у ҳозир Бухорога бешикаст етиб олиши керак. Миркомил ҳожи унинг маслаҳатига амал қилиб, «Худо яна ҳаж қилишни кўнглига солганини» масжид аҳлига билдириб қўйди. Муҳиддин эса Хасанхон ҳазрат тирик эканлар, беш-ўн муридлари билан Афғонистонга кетмоқчилар, деган гапни уч-тўрт одам орасида маълум қилди. Хабарнинг қанот чиқаришига шунинг ўзи кифоя эди.

Хаустоннинг режасича, Муҳиддин аероилга ҳам пичоқ тортиб юборишдан қайтмайдиган беш-ўн ишончли йигити билан Миркомилбойнинг қанотига кириши керак. Яна бир гуруҳни — «Афғонистонга борувчи муридларни» ҳам ўйлаб қўйган. ЧК тузоқ қўйган бўлса шулар тушади. Гуруҳбоши ҳам аниқ — Талъат мақсум деган бетайин жадид. Ҳали унга қўшилиб, ҳали бунга қўшилиб гангиб юрибди. Хаустон бир-икки сирни унга айтиб қўйса бас. Қўлга тушиб, қийноққа чидамай гуллайди-ю, тамом-вассалом. Унга чиппа-чин ишонишади. Миркомилбойнинг бориб-келуви эса хамирдан қил суғургандек бўлади.

Асадулла госпиталда шифо топаётганида Хаустоннинг ўй-ҳаёли шу эди.

5

Докторлар хатар орқада қолди, энди бемор одамлар орасида кўпроқ юрса, хотиралардан пича узоқлашади, хаёли фақат даҳшат билан банд бўлмайди, иш билан овунади, деб унга рухсат беришди.

Асадулла Туркижроқўмдан юборилган автомобилга ўтирмай, уйига пиёда кетди. У уй ўрнида харобани кўраман, деб юрак ютиб борган эди. Кўчасига бурилиб қарасаки, уйи ўша-ўша турибди — деворлар оқланган, атроф саришта... Фақат... болохона йўқ.

Эшик оғзида туриб ичкари киришга юраги бетламади. Бирдан ҳовлида кимдир челакни тепиб юоргандай бўлди. Биров гапирди. Ҳатто кенжатойи шод қийқирди шекилли? Челакни шу болажони тепиб юбордими? Наҳот... ҳаммаси туш бўлса... Наҳот хотини, болалари тирик?! Унинг касалхонадан қайтишини кутишяптими?

Асадулла, нафаси қайтиб, эшикни шарт очиб, ичкарига қаради. Ҳовли ўртасида челак кўтарган Шувалов турарди... Ҳовлига қадам қўйиб, этак томон кўз ташлади: супа ҳам ҳувиллаган.

Шувалов у билан саломлашди-ю, ортиқ гапга тутмади. Самовар ўтхонасига тараша ташлаб, пуфлай-пуфлай ўт олдирди.

Уйга қараса ҳам, супага кўзи тушса ҳам Асадулланинг юраги зирқирарди. Бу ердан қочиб кетгиси келарди. Лекин бу оний туйғу эди. Ахир бу ерлардан қочиб, қайга ҳам кетари. Даҳшатдан далолат бериб турувчи бу иморатдан-ку, қочиб, узоқлашар, аммо хотираларидан қайга қочади, нимага қочади? Мудҳиш кечмиш ёнида ширин хотиралари ҳам бор-ку, улар уйга қўшилиб ёниб, кулга айланмаган-ку?!

Шувалов айвонга жой олди. Асадулла зинага оёқ қўятуриб беихтиёр шифтга қаради. Ўзи ҳафсала билан терган тоқилар ёниб битган. Энди тоқи ўрнига дуч келган қинғир-қийшиқ поялар ташланиб, устига лўмбоз бостириб қўйилаверилган. Айвон шифти билан девор бирлашган жойда қалдирғочнинг ини йўқ. Уйлари куйиб қаёқларда чирқираб юришган экан? Тухумига илҳақ илон-чи? Жон сақладими ё куйиб кетдими? Қалдирғоч полапонини очганда... қутқара олардими ё...

Тўшалган кўрпача нотаниш. Бироқ... чойнак-пиёлалар ўзлариники, Ҳожияхон шу чойнакда чой дамларди, шу пиёлалардан бирига қуйиб узатарди. Анави лабига ғазал битилган хитойи пиёласини болалари талашишарди. Унга кўпроқ оиланинг эркатойи эга чиқарди...

Йўқ, Асадулла чой ича олмади. Дўстининг кўнглини ранжитмаслик учунгина пиёлани қўлига олди. Пиёланинг иссиғи Ҳожияхон қўлининг тафтидай туюлди унга. Ўша куни эрталаб пиёлада чой узатиб, «ҳадеб ўзингизни ўтга-чўққа ураверманг», деган эди. Шундай деб... ўзи ўт ичида қолди...

Шувалов бир ҳафтадан бери шу уйда яшаётанини, Асадуллага малол келмаса бундан кейин ҳам шу ерда қолиш нияти борлигини айтди. Асадулла унинг нима сабабдан бу қарорга келганини ўйламади ҳам, «истагингиз», деб қўя қолди.

Уй ичкарисидан ҳали тутун, оҳак ҳиди анқиб турарди. Шунинг учун, Шувалов айвонга жой солди. Асадулла гўё меҳмон эди, хизматни Шувалов қиларди.

Асадулла тонгга қадар чўғ устида ётгандай бўлди. Тонгга яқин кўзи илинган экан, қалдирғочнинг вижир-вижиридан уйғониб кетди. Шарт кўзини очиб, шифтга қаради. Назарида уйилон тоқилар орасидаги тешикдан чиқиб, қалдирғоч инига ҳамла қилаётгандай эди. Шифтда илонни кўрмади. Ахир қалдирғочнинг овозини аниқ эшитди-ку! У қани? Бир вақт айвонга қалдирғоч учиб кирди. Енгил сузиб, шифтга яқинлашди-ю, яна тезгина ҳовлига отилди.

Бу она қалдирғоч уясида полапонларини кутаётган эди. Аввалига илон ҳамла қилди, ундан омон сақлаб қолишди. Кейин ўт... Бу балога бас келиша олишмади. Ҳозир бошқа ерга уя қуришган. Лекин ҳар тонг шу томон учгиси келади. Аввал қорайиб турган деворларга унча яқинлашмасди. Кейин деворлар асл ҳолига келди. Кейин одам иси анқиди. Шундан сўнг айвонга дадил учиб кирадиган бўлди. Аввал айвонга бир мартагина учиб кирарди. Бу тонг илонни даф қилган одамни таниб, яна бир марта учиб кирди...

Шувалов енгил хуррак отиб ухларди. Асадулла ўрнидан туриб, ҳовлига тушди. Кўтарилаётган қуёшни энди кўраётгандай машриққа тикилиб қолди. Кейин оёқ остига қаради. Топталиб, синган атиргул танасидан янги новдалар чиқа бошлабди. Илдизи омон қоган райҳонлар ҳам новда чиқарай деб қолибди. У ер-бу ерда кўкатлар бош кўтаряпти. Улар орасида ўтган кунлар шарпаси сассиз ивирсиди. Сўнг янги оқланган уй деворларига урилиб, жаранглади. Шундай жарангладики, Асадулланинг қулоғи қоматга келиб, ўзи чайқалиб тушди. Хотиралар оқими тошиб, дилини овлаб, талашиб, қора ўпқонга тортаётганда бирдан кўзи ошхона ёнидаги кетмонга тушди. Лойхонада ишлатилганича қолиб кетган кетмонни занг босган эди. Асадулла чўп олиб, кетмонга ёпишиб қотган лойни қирди, сўнг атиргуллар атрофини юмшатди. Қўшни девори остидаги кўмилиб қолган қувур оғзини очди. Кейин кўчага чиқиб, сув бойлади. Дам ўтмай гулзорга сув оқди.

Шувалов ўрнидан туриб, Асадулланинг ҳаракатларини кузатиб, кўнгли равшанлашди. «Ҳар ғамнинг поёни, ҳар аламнинг охири бўлиши керак-да, ўзи», деб ўйлади.
— Деҳқончилик зўр-ку, Мираъламович! — деди қувноқроқ оҳангда.
— Ҳа... ерга қарамаса уволи тутади. — Асадулла шундай деб, қаддини ростлади. Анчадан бери бундай иш қилмаган ва бедармон эканидан ҳансираб қолган эди.

Шувалов яна нима деб унинг кўнглини кўтаришни билмай турганида Асадулла айвонга яқинлашиб, ўзи сўз очиб қолди:
— Виталий Сергеевич, сиз Афғонистонга жўнашингиз керак эди-ку?
— Шу ҳафта ичи афғонлар келиши керак. Шуни кутишяпти шекилли. Кейин... Москва Хмариннинг номзодини ҳали тасдиқламаган.
— Тасдиқламаслиги ҳам мумкин... Виталий Сергеевич, вакола ҳайъатини нимага асосланиб танлашган, билмайсизми?

Шувалов Асадуллага қараб, кулумсиради:
— Сен Марказий Ижроқўм аъзосисан, мен оддий чекистман, ҳайъатни Марказий Ижроқўм тасдиқлаган, демак, бу саволни мен сенга беришим керак.
— Мен бир одамнинг қўшилишига қарши чиққан эдим. Ушинскийнинг кимлигини биласизми? Собиқ эсер. Ўн еттинчи йил ёзда мен у билан жазо отрядини кутиб олганман. Биз Коровиченконинг солдатларига Тошкентдаги вазиятни тўғри тушунтиришимиз лозим эди. Солдатларни: «Тошкент каллакесарларга тўлиб кетди, ўзбеклар ўрисларни бир чеккадан сўйшияпти», деб ишонтиришган экан. Мен бир томондан, вақтли ҳукумат найрангларидан гапирсам, бу одам болшевикларнинг ғояси пучлигини гапирибдилар. Охири бир поручик менга, «қай бирларингга ишонайлик», деб қолди.
— Мираъламович, бу икки йил аввалги гап. Замон ўзгарди, одамлар ўзгарди. Балки Ушинский ҳам... Унда шахсий адоватинг йўқми ўзи?

Асадулла қўлидаги кетмонни жаҳл билан нари отди-да, шахт билан юриб Шуваловнинг рўпарасига келиб тўхтади.
— Шахсий адоват... Сиз ҳам шундай ўйладингизми?.. Агар билсангиз... мен мана бу томирларимни, — Асадулла шундай деб билагини кўрсатди, — юртим озодлигининг томирларига улаганман, Шахсий адоватга қулоқ тутиб юргандан кўра, пана-панада тўппонча тутиб йўл пойлардим.
— Миръаламович, сени ранжитдим шекилли, кечир мени, Ушинский масаласида... унга қарши бирор далил бўлмаса... Умуман, ҳозирги аҳволни англаб турибсан. Туркистон Марказий Ижроқўмида ҳам, партия марказқўмида ҳам тушунарсиз ишлар бўляпти. Четдан келганларга муносабатларини аниқ билдиришяпти. Мени ҳам шу сабабли элчилар сафига қўшишган, билиб турибман. Мен чекистман, махсус топшириқ билан келганман, дипломат эмасман. Хуллас, Мираъламович, партияда бошқача фикрлайдиган одамлар ҳам бор экан. Аввал маҳаллий миллат вакилларига тўсқинлик қилишди, энди марказ юборган вакилларнинг кўкрагидан итаришяпти. Катта ғоявий курашларнинг иси келиб турибди.
— Виталий Сергеевич, ўша мажлисда сизни «собиқ политсиячи» дейишди?

Шувалов қўл силтади.
— Дейишса дейишаверишсин. Политсиячи бўлганман, тўғри, хўш, нима қипти?
— Қандай қилиб?
— Мана, сен Мираъламович, бир пайтлар «Уламо» деган жамиятдан кечирим сўраган экансан-а? Гапимни бўлма. Демак, тавба қилгансан. Мен эсам шахсан император ҳазрат олийларига тавба қилганман. Хўш, нимаси ёмон? Мен дворянларданман, ҳа, асл дворянларданман! — Шувалов шундай деб кўрсаткич бармоғини юқорига нуқиб қўйди. — Бешинчи йилдаги ишларим учун қамашди. Мен тавба қилдим. Хўш, қамоқда бурга боқиб ётганим яхшимиди ё ёлғондан тавба қилиб, озодликда инқилоб ишини давом эттирганимми? Мен иккинчисини танладим. Ҳа, буни яширмайман. Бундан афсусланмайман ҳам. Тавбам инобатга олиниб, Оренбург политсиясида ишлайсан, дейишди. Амалнинг энг кичкинасини беришди. Асл дворян учун ҳақоратли эди бу, аммо чидадим. Ана энди айт: болшевиклар иши учун қамоқдаги одам керакмиди ё политсиячи зарурмиди? — Босиқлик билан сўз бошлаган Шувалов шу ерга келганда асабларини жиловлай олмади. — Менинг мана бу ерим, — кўксига муштлади,— инқилоб томирига уланган.
— Виталий Сергеевич, сиз мени нотўғри тушундингиз, — деди Асадулла, — мен сизни айблаганим йўқ-ку? Бошқа ерда, Москвадами, Киевдами, Тифлисдами ишлаганингизда балки эслатмас эдим, Оренбургга тегишли бир гапим бор. У кунларни эслаш малол келса, майли, сўрамай қўяқолай.
— Сўрайвер, Мираъламович, сендан хафа бўлганим йўқ. Сўрайвер.
— Сургун бўлмасимдан аввал биз оренбурглик ўртоқлар билан яқин алоқада эдик. Мен бунда ўзбекча газит чиқарар эдим. Оренбургдан оладиганимиз «Солдат» деган газитни ўзимизникига қўшиб яширинча тарқатар эдик. «Солдат»ни биларсиз?
— Билмай-чи, неча марта фош бўлишидан ўзим асраб қолганман.
— Хуллас, Оренбург инқилобчилари билан алоқамиз дуруст эди. Бир фаолимиз ўша ёққа жўнади-ю, изсиз кетди. Орадан кўп ўтмай, бизни битта-биттадан, рисоладагидай қилиб териб олдилар. Фаолимизнинг изсиз кетиши билан бизнинг фош этилишимиз орасида боғлиқлик йўқмикин, деб кўп гаранг бўламан.
— Ким эди ўша фаолингиз?
— Ирисов, Рафиқ Ирисов.

Шувалов иягини қашиб, ўйга толди.
— Ирисов... Ирисов... — деди у пичирлаб, кейин Асадуллага боқди. — Ҳа, эсладим. Шунақа нусхани қўлга олганмиз. Биринчи сўроқдаёқ гуллаган. Агар янглишмасам, савдогар оиласидан эди, а? Ўйламай-нетмай ишонавергансизлар.
— Оренбургга бориб-келиши хавфсиз эди, шу назарда тутилган.
— Ўлчовни калта олгансизлар, калта ўйлагансизлар. Оренбургдаги ўртоқларни огоҳлантиришга улгурдик. Сизларни...
— У-чи?
— Ким? Ирисовми? Қўйиб юборилган.
— Бу ерга қайтмади-ку? Ахир бу ерда оиласи бор.
— Шу ердами, Тошкентдами? — Шувалов сергак тортди. — Ўзининг келмагани аниқми?
— Келмаган дейишади.
— Мираъламович, илтимос сендан, аниқла шуни. Биласанми... бунақалар бир-икки одамни сотиб тинчишмайди. Балки қайтгандир, яшириниб ётгандир. Кимларнингдир топшириқларини бажараётгандир.

Шуваловнинг бу гапи Асадулла учун антиқа бўлди.

6

Шу куниёқ Ўқчига қараб йўл олди. Кафтдек ҳовли осмонини бир туп ток беркитиб турувчи бу хонадонга Асадулла сургундан қайтган пайтда кирган эди. Икки боласи билан ёлғиз қолган Розиядан тез-тез хабар олиб туриш савоб эканини билса ҳам, хонадонда эркак йўқлиги сабабли келмас, таниш-билишлари орқали бу оиланинг аҳволини суриштириб қўйишдан нарига ўтолмас эди.

Икки йилдан бери оёқ босмаётган одамнинг тўсатдан кириб келиши Розияни ажаблантирди. Асадулла супа четига омонат ўтириб, ҳол-аҳвол сўради. Ҳовли саришта, хонадонга йўқчилик нафаси урмагани сезилиб турибди. «Ёлғиз аёл боши билан бу қийинчилик, бу очарчиликда қандай яшаяпти экан? Эри шунча йилга етарли маблағ ташлаб кетганмиди ё?» Бу савол Асадулланинг хаёлига икки йил бурун келган эди. Ҳозир яна уйғонди.

Асадулла ҳовлида узоқ қолмади. Бошидаги рўмолининг бир учи билан юзини чала-ярим тўсиб, супанинг нариги четида ўтирган аёлни кўп гапга солишни ўзига эп билмай, ўрнидан туриб, ҳайрлашди.

Болалигидан қадрдон бўлиб қолган тор кўчалардан юриб, Шайхонтаҳурга йўл олди. Розия билан бўлган суҳбатни дилида яна такрорлади:

«Рафиқ афандидан ҳануз дарак йўқми?»

«Яратгандан умид қилиб ўтирибмиз».

«Дунё ўзариб кетди, хат-хабар ҳам қилмадиларми?»

«Йўқ...»

«Кетган келади, кетмонлаган келмайди. Қаерда бўлсалар ҳам болаларнинг бахтига соғ-омон юрсинлар».

«Илойим...»

Аввалги келганида ҳам шундай қисқа савол-жавоб бўлиб эди. Эри бедарак кетган аёл бунчалик хотиржам жавоб бермайди. Буни Асадулла ўшанда сезган, кўнглига шубҳа оралаган эди. Бугун ўша шубҳаси ҳақиқатга айлангандай бўлди. Назарида Рафиқ Ирисов шу уйда беркиниб, қайси бир тирқишдан мўралаб ўтиргандай эди. Асадулла бир нарсага ҳайрон: Рафиқ Ирисов вақтида фирқа учун хизмат этди. Қўрқибми ё бошқа сабаб биланми сотқинлик қилди. Шунга шунча қўрқиб, қочиб юрибдими? Наҳот келиб, бола-чақасидан хабар олмаса? Болаларнинг соғинчи кўр қилмайдими уни? Шуваловнинг шубҳаси Асадуллага ҳам ўтиб, турли-туман хаёллар гирдобига тушиб борар, аммо ҳақиқатга мойил бирор аниқ фикрга келишга ожиз эди.

Туртинчи боб - Мухтор Вазир

1

Омонуллохон доғда қолди: ағёрлар уларнинг режасидан хабар топишдими ё бошқа сабаб бўлдими, ҳар қалай уч йўналиш бўйлаб бораётган қўшин манзилга етиб улгурмай, Пешовор йўлида ногоҳ уруш бошланди. Кеча Кобул осмонига қанотли махлуқлар учиб келиб, пойтахтни хокитуроб қилиб кетди. Шаҳар аҳли бундан таҳликага тушди. Рисалпурда қирол ҳарбий флоти мавжудлиги, Кобулга «Хендли-Пейж» деб номланган аеропланлар учиб келиб, бомба ташлаганини амир билади. Фуқаро бундай мўъжиза, йўқ, мўъжиза эмас, бундай офат борлигига бугун гувоҳ бўлди.

Жанггоҳдан кўнгилни хушловчи дарак келмай турибди. Сардорсалор Солиҳ Муҳаммадхон сарбозларининг Инглистон лашкарларига бас келолмаслиги аниқ бўлиб қолди. Жалолобод исёнчилари ҳибсга олган, Омонуллохон марҳамати туфайли озод этилган собиқ сардорсалор Муҳаммад Нодирхон эса ниманингдир пайида, ниманидир пойлаяпти. Абдулқуддусхон озод қабилалар билан биргаликда ҳужумга ўтиши керак. «Улар қачон бош кўтарадилар, қачон ёвга зарба берадилар?» Омонуллохон юрса ҳам, турса ҳам, ҳатто шабистонига кирганда ҳам хаёли шу билан банд.

«Боболарим инглис билан икки карра тўқнашдилар. Тахт менга — амирнинг учинчи ўғлига насиб этди, учинчи муҳориба ҳам менинг пешонамга ёзилган экан. Ёзуғимда яна нелар бор: кунми ё тун? Олам аро ҳали рўйи сиёҳ бўлмайманми?..»

Дилкушо саройининг иккинчи қаватидаги сербар хонасида ёлғиз ўтирган амирнинг хаёли узилди: сардор Тарзи билан мавлоно Абдул Ғанининг саломга келганларини маълум қилдилар. Омонуллохон ажабланди: сардор Тарзи одати бўйича ҳар тонг йўқлайди. Мавлоно Абдул Ғани нима юмуш билан келибди экан?

Хонага кирган Тарзи амирнинг ажабланганини пайқаб, муддаога кўча қолди:
— Амир соҳиб, мавлоно Абдул Ғани истиғфор тариқидан1 киришни истак қииб эдилар, мен бошлаб келишга журъат этдим.
— Истиғфор? — Омонуллохон баттар ажабланди. — Алломаи кишварнинг қандай гуноҳлари бор эканки истиғфор тариқидан юзлансалар?
— Ҳазрат амир соҳиб, — деди Абдул Ғани суҳбатга аралашиб, — менинг ҳаракатим истиғфорга лойиқ, алқисса, адл эшигини кушод айлаган сиздайин салтанат ҳукмдорининг қанотидан чиқмакни хаёл қилишнинг ўзи кўрнамакликдир. Бироқ, менинг бу саъй-ҳаракатим Афғонистон камоли йўлида эканини инобатга олурсиз.
— Мавлоно, мақсадингизни ойдинроқ баён этинг.
— Мен Кобулни тарк этиб, Ҳиндистон сари юришни ният қилдим. Қулоғимга етган дараклар Ҳиндистон шаҳарларида исёнлар кўтарилганини маълум қиляпти. Панжобдагиси инглисни анча пароканда этибди. Темир йўллар бузилибди. Бу ҳаракатлар муҳорибадаги инглис лашкарларининг тизгинини тортиброқ қўяр!

Амир Абдул Ғанига тикилиб қолди: бу симён одам кичкина жуссасига бунчалик кўп ташвиш юкламаса? Ўзи афғон бўлмагани ҳолда Афғонистон тупроғи учун бунчалик жон койитмаса?
— Мавлоно, ҳаракатингиз ножоиз. Олам ҳодис...
— Амир соҳиб, жавобингиз мени ҳайратга соларлик бўлди. Бу онда мен ўз юртимда, қасос баҳри тўлқин урган ерда бўлишим шарт. Билъакс, бу дунёдан ҳижрат қилсам, юрагимда улуғ армон қолади.
— Ҳошаллоҳ!2 — Амир шундай деб Абдул Ғанининг икки елкасини ушлади. — Ҳошаллоҳ, бу гапни сиз айтманг. Хирадмандга муносиб эмас. Биз сардор билан фикрлашиб олайлик.
— Сардор рози.

Амир қайнотасига савол назари билан, аниқроғи, норозилик назари билан қаради.
— Амир соҳиб, — деди Тарзи босиқ оҳангда, — мавлоно хайрли ишни ният қилганлар.

Ҳамиша қайнотасининг маслаҳатига қулоқ солувчи амирнинг қайсарлиги тутди. Тарзи билан Абдул Ғанининг аввалдан ишни пишитиб, сўнг ҳузурига киришлари унга малол келди.
— Жавобни кейинроқ айтаман, — деди у қошларини чимириб.

Аввал Абдул Ғани, сўнг Тарзи таъзим қилиб, эшик сари юрдилар. Тарзи остонага етганда амир уни қайтарди.
— Сардор, — деди у қайнотасига тик қараб. — Ҳиндистонга одам юбормоқ зарур бўлса Кобулда Инглистон зулмидан озор чеккан ҳижронзада муҳожирлар кўп. Мавлоно Абдул Ғанининг юмушлари бўлак. Менга бир одам айтиб эдики, гўё маърифатсиз давлат ночор гўдак мисол, фуқароси илмдан баҳраманд салтанат эса мамолик1 орасинда ўз ўрнини топа олгувчи қудратга эга бўлар экан.

Тарзи бир вақтлар айтган гапини куёви оғзидан эшитиб, кулимсиради. Амир унга эътибор бермай, давом этди:
— Фуқарога берган ваъдаларим бисёр. Бу ердаги, — амир кўксига нуқди, — умидларим ундан кўп. Сиз, сардор, ёшларни ўқитмак учун Фарангистонга юбормоқни орзу қилиб эдингиз. Мен эсам, аморат хизматидан таълим берувчи, олий муаллимлар етиштирувчи, муҳандислар, қозилар илмини берувчи мактабларни орзу қилганман. Мавлоно Абдул Ғани шу орзуларимнинг раҳилкуши, унга тегманг. Муҳориба тақдирини аркони ҳарбга қўйиб беринг.

Тарзи жавоб ўрнига енгил таъзим қилди. Амир гапларининг қайнотасига малол келганини сезса ҳам сезмаганга олди.
— Сардор, ноиби қиролнинг мактуби менинг ҳамиятимга тегиб, тинчимни олди. Унга жавоб йўллашга қасд қилдим, — деди суҳбат мавзуини шартта ўзартириб.
— Шу дамда-я? — деди Тарзи ажабланиб.
— Ҳа. Такаллуфсиз мактубларининг мазмунига тушуниб етганимизни маълум этиб қўйишимиз шарт. Шундай бир нома битинг, — амир ўйга толди. Тарзи тоқат билан кутди. — Жавобимиз илтифотдан холи бўлмоғи керак. Алқисса бундай деймиз: «Сиз жанобнинг бу қадар кечикиб жавоб йўллашингиз менда беқиёс ҳайрат ўтини ёндирмоққа асос бўлди ва юрагимга заррача қувонч бахш эта олмади. Сизнинг ҳукуматингиз менинг ҳукуматимни мутлақ мустақил деб тан олмоғи лозим эди, чунки Афғонистон муҳим жуғрофия ҳолати, ўрни ва сиёсий мартабасига кўра шунга лойиқдир. Минг афсуслар бўлсинким, Инглистон ила дўстлик ва иттифоқ боғлаш умидларимиз ришталари сизнинг мактубингиз туфайли буткул узилди».

Амир сўзини давом эттиришга қийналиб, Тарзига нажот кўзи билан қаради:
— Шундай десак бўладими?
— Маъқул. Челмсфорд бизнинг тавбамизни кутаётгани ҳолда бу жавобни олса, бошини қай тошга уришни билмай қолади. Офарин, амир соҳиб.
— Бизга худди шу керак. Инглистон ҳукумати ҳеч қачон бизга яхшилик истамас экан, бунга амин бўлдим, сардор.

2

Маҳмудбек Тарзи амир ҳузуридан чиқиб, хонасига йўналди. У Русияга юборилган мактубларнинг жавобини сабрсизлик билан кутарди. Тарзи дарёнинг нариги қирғоғидан хушхабар келишига ишонар, шу боис, юборилажак элчилар ваколасини хаёлан тайин қилар эди. Муҳорибадан олинган кўнгилсиз дараклар, Кобулга бомба ёғдирилиши унда жавобни кутмай, ваколани йўлга отлантириш фикрини уйғотди.

Тарзининг хонаси ҳам европа усулида жиҳозланган: дераза ёнига катта ёзув столи, ўртага юмшоқ курсилар қўйилган эди. У ёзув столига бориб, тортмани очди. Русияга оид барча маълумотларни шу ерда сақлайди. Тарзи қоғозларни бир-бир олиб, кўз ташлай бошлади. Қоғозлардан биридаги байтни ўқиб, ўйлади: қачон, нимага ёзиб қўйган экан?

«Танам зи банди либоси такаллуф озод аст,

Бараҳнаги ба барам хилъати худодот аст.

Бу байт Ҳабибуллохонга аталмаганмиди? Ҳа, Ҳабибуллохон Инглистондан пул таъма қилганида ғазабланиб, Мирзо Бедилнинг шу сатрларини эслаган эди. Эслашга эслаб, амирга сўз айтишга журъат қилолмаганди. Не шодки, сарпо тамаидаги амирнинг пуштикамари такаллуф либосининг бандидан озод бўлмоқни лозим топди. Шукрки, кўнгли кайфи саҳбони истамади. Акс ҳолда, Тарзи додини кимга айтар эди? Отаси сургун қилинган замонда ёруғ дунёга келган, мусофирлик саҳросида сарсари кезган, мардуди даврон мадарини бегона тупроққа қўйган бу афтодаваш, озодлик илинжида дунёдан кўз юмиб кетмасмиди?..

Эшик оғаси кириб, Ҳиротдан чопар етиб келганини билдирди. «Русиядан хабар келтирдимикан? Ундай десам, биз Термиз сари юбориб эдик-ку? Ҳиротдан қандай хабар юборишлари мумкин?» Чопар остонада пайдо бўлгунга қадар Тарзини шу жумбоқлар қамраб олди.

Чопар шошганми, ҳатто ювинишга ҳам улгурмаган, уст-боши чанг бир аҳволда кириб келди. Тарзи унинг киртайиб, қизариб кетган юзларига қараб, беҳад ҳолдан тойганини сезди.
— Ноиб ул-ҳукума Муҳаммад Сарвархон ҳазрат сардорга дуо йўлладилар, — чопар шундай деб қўйнидан муҳрланган қоғоз чиқариб, таъзим билан узатди.

Тарзи номани олиб, шошиб кўз югуртирди. Ҳирот ноиби Тарзига сиҳатлик тилаб, Кўшк томондаги ҳамҳудуд қўшинлар яхши ният ила чопар юборганлари, юртни амир Ҳабибуллохон сўраб турган дамларда ҳам шундай чопар келгани, бироқ амир соҳиб рўйхуш бермагани сабабли уларнинг саломлари қабул бўлмаганини баён этиб, эндиги нома амир ҳазратлари томонидан инобатга олинувига умид билдирган эди. Ноиб мактубига Тарзи англамайдиган ҳарфлардаги нома, сўнг пуштуда ёзилган хат ҳам илова этган эди. Тарзи бу хатни ўқиб, аввалига ҳайрон бўлди: Афғонистондан йўллаган мактуб ҳақида нечун калима йўқ? У мактуб битилган муддатга қараб олгач, ҳаммасига тушуниб етди: демак ҳамҳудудлар улардан ўн кун илгари мактуб ёзишиб, Афғонистоннинг мустақиллигини тан олишибди.
— Нечун ҳаяллаб етказдинг? — деди Тарзи норози оҳангда.
— Гуноҳкорман, сардор соҳиб, — деди чопар бош эгиб, — мен кеча-кундуз бетўхтов йўл босдим. Ҳазрат ноиб айтдиларки, нома Ҳиротга етгунга қадар беҳад узоқ йўл юрибди.

Тарзи чопарни бежиз айблаганини билиб, унга рухсат берди.

«Дарвоқе, мактубни нима сабабдан узоқ йўл билан юборишибди? Шу йўлни бехатар деб билганларми? У ҳолда Тирмизга юборганимиз чакки бўлганми? Мактубларимиз аро йўлда қолиб кетганми ё?»

Тарзи шу жумбоқли ўйлар билан амир ҳузурига ошиқди.

Омонуллохон мактубни эшитиб, хаёлга ботди: «Хатолик бўлди, — деди у ўзига-ўзи. — Дастлаб Инглистонга юзланганим, сўнг улардан хушхабар умид қилганим хатолик бўлди, кўп хатолик бўлди. Инглистондан мурувват кутиб, мудохала1га ўзим эшик очиб бердим. Маҳдуд салтанатим озодликка чиқмас экан, жойим сақарда бўлуви муқаррар».

Тарзи амирнинг жавобини тоқат билан кутди. Ниҳоят, Омонуллохон кўзини деразадан олиб, унга қадади:
— Шайтанат тахтидан умидворликнинг гуноҳи менинг бўйнимда, сардор.
— Амир соҳиб, ўкинчингиз ўринсиз. Улардан илтифот кутмай, дастлаб шимолга чопар юборган ҳолингизда ҳам мудохала муқаррар эди. Ҳазрат мирзо Бобур айтмоқчи, «ҳар кимки жафо қилса жафо топқусидур».
— Иншооллоҳ. Фикри ожизимча, Русия ҳам Афғонистонга эга чиқмоқликни истайди. Тарихда Ҳирот сари қўшин тортиб, кўп ерларимизни босиб олганини унутсак, нодон бўлармиз. Аммо... бу фурсатда иложсизмиз. Тарбиятсиз боғу бўстондан самар кутмак абас бўлганидек, ёлғиз юртнинг тараққиёт сари юз тутмагига умид йўқ эди. Энди мактубга илтифот ила жавоб йўллашимиз лозим.
— Амир соҳиб, энди мактубга эҳтиёж йўқ. Туркистон жумҳурияти Русия номидан гапириб, бизни озод, мустақил деб билиб, ўзига тенг тутибдими, бас, сафорат ишларини бетўхтов йўлга қўймак тадоригини бошламоғимиз даркор. Йўллаган мактубимиз эсон-омон қўлларига етса, уларнинг-да шундай йўл тутмоқларига имоним комил.
— Маъқул. Нечоқлик симу зар зарур бўлса, олинг. Сафоратга кимларни лозим кўрасиз?
— Мухтор вазирлик сардор Муҳаммад Валихонга лозим кўрилса. Ўзга юрт сардорлари билан унингдек фикрлаша оладиган одам орамизда йўқ. Муҳаммад Валихонга мавлавий Сайфурраҳмонхон, Мирза Муҳаммадхон Яфтали, Султон Аҳмад кўмак берадилар. Файиз Муҳаммадни маслаҳатчи ҳамда мунши этиб тайин этсак. Эдин афанди мухтор вазирнинг ноиби бўлса.
— Камолхонни лозим топмадингизми? Сўз айтишга суяги йўқ-ку? Сафорат ишида сўзамол бўлиш керакдир?
— Фикрингиз ўринли. Бироқ кўп сўзламоқлик сафорат ишида ҳусн эмас. Бунда кўп эмас, хўб сўзламак даркор.

Амир кулимсиради:
— Кўп отган мерган эмас, кўп айтган чечан эмас, денг?
— Алқисса, шундай, амир соҳиб. Ваколани узатиб бормоқ учун сарбозлар ҳам зарур.
— Рисале шоҳининг энг ботир соварларини олинг.
— Яна бир мулоҳазам бор эди.
— Айтинг.
— Бухорои Шарифда, Тошкентда ҳам сафоратхона очсак. Бухорога Абдушукурхон, Тошкандга Муҳаммад Асланхонни тайин этсак. Улар ҳам мухтор вазир билан йўлга чиқишса...
— Сардор, миннатдорман сиздан. Ҳаммасини пухта ўйлаб қўйибсиз. Фармоним шу: вакола бетўхтов сафарга отлансин.

Тарзи эшикка йўналганда амир уни тўхтатди.
— Ҳозир менга бир хабар еткардилар. Мендан норизо амлокдорларнинг мулки деҳқонларга бўлиб берилсин, деган амру фармонимни фақирлар нохуш қабул этибдилар. Ерларни олмаётган эмишлар. Менинг ақлим лол. Сиз бу кўрнамаклик боисини билмайсизми?
— Бу кўрнамаклик эмас. Бунинг сабаби шулки, фармони олийингиз ўша дамда зарур эди. Сиз тахтга ўтирар чоғингизда ваъдалар бериб эдингиз. Шул ваъдага биноан мулкларни ҳадя этдингиз. Ваъдага вафо қилдингиз. Энди эса улар муҳорибада амир мағлубиятга юз тутса, амлокдор қайтади, деб қўрқадилар. Бу — бирламчи. Амлокдор қайтмаган тақдирда, аммол1 қаламидан рўзғори қаро бўлади, бу — иккиламчи.
— Аммол қаламидан? Солиқларни камайтирдим-ку?
— Аҳли аммол орасида нобакорлар, аҳли деҳқон ичида дилу жонини жаҳолат қопламиш нодонлар бисёр. Инъомингизни қабул этмаганларига яна бир сабаб, уларда ер бору ишлов бермоққа от-улов йўқ. Уларнинг амлокдор ҳукмида қад букканлари афзалроқ.
— Озодликнинг фаҳмига бормайдилар, денг? — амир шундай деб қўл силтади.
— Сиз саховатда Ҳотамтойдан, адолатда Нўширавони одилдан ортиқ иш юритяпсиз. Бунинг фаҳмига етишлари учун фурсат даркор.
— Қанча?
— Муҳорибада енгиб чиққанимиздан сўнг фуқаро қудратингизга тан бериб, фармонларингизга амал қила бошлайди.

Тарзининг: «Муҳорибада енгиб чиққанимиздан сўнг», деб ишонч билан, қатъий айтиши амир кўнглига таскинлик берди.

3

Тавба! Бу одамлар сирлардан қандай воқиф бўладилар? Омонуллохоннинг марҳум отаси, «булар девор эмас, қулоқ», деб таъкидлашни ёқтирар эди. Чиндан ҳам сарой деворлари қулоққа айланиб кетган шекилли? Йўқса, Қодир оға ҳазрат Русияга мухтор вазир тайин этилганидан қандай огоҳ бўлди? Ҳазрат оғзидан: «Ўрусияга сафир юбораётган эмишсиз?» — деган гапни эшитиб, амир аввал лол қолди. Кейин аччиқланди. Ҳазратни силтаб ташлагиси келди-ю ўзини тутди.
— Инглистондан марҳамат кут, деб эдингиз, кутдим.
— Муҳорибага киришмаслик лозим эди.
— Урушни ким бошлади? Бу бандасига ҳам, Яратганга ҳам маълум-ку, наҳот сиз билмасангиз?
— Узунқулоқ гапларга инонавермайман.
— Амирнинг гапига-чи?

Омонуллохон, «амирнинг гапи», деб чертиб-чертиб айтди. Ҳазрат бу таъкид боисини англаб, ранги қув ўзгарди, аммо сир бой бермади.
— Сиз Ўрусиянинг вафо қилишига аминмисиз?
— Сиз-чи, ҳазрат?
— Амин эмасман.
— Сабаб?
— Ғайридинга ишону қўйнингда ханжаринг бўлсин.
— Инглис-чи? У ҳам ғайридин-ку?
— Инглис синалган дўст эди, Худо хоҳласа, гуноҳларимиздан кечиб, яна дўст бўлиб қолади. Ўрусиянинг вафосини эса синаб кўрмоқ керак.
— Синаб кўрмоқ? — амирга бу таклиф қизиқ туюлди. — Қани, айтинг-чи?
— Ўрусиянинг вафосини синаш баҳонасида Афғонистон ерларини бирмунча кенгайтиришингиз ҳам мумкин, — Қодир оға ҳазрат айёрона жилмайди. — Сиз улардан дарёнинг у қирғоғини, хусусан, Кўшк, Карки, Тирмиз қалъаларини беришни сўраб кўринг. Қалъалар қўлга кирса, Бухоро пайи қирқилади, ундан Туркистонга қўл узатса етгулик, Жаннатмакон падарингиз амир Ҳабибуллохон орзулари сизга мадад бўлгай. Сўраганларингизни олсангиз, Инглистон гуноҳимиздан ўтиб, яна марҳамат сандиғини кенг очиб беради.
— Гапларингиз мушоҳадага арзийди, ҳазрат. Аммо гуноҳларимиз хусусида икки карра эслатдингиз, бу чакки. Бизнинг Инглистон олдида гуноҳимиз йўқдир, билъакс улар гуноҳкордурлар. Фикри ожизимча, падаримнинг ўлимига улар фатво берганлар.
— Алҳазар! — ҳазрат титроқ қўлларини баланд кўтарди. — Алҳазар! Бундай демакнинг ўзи гуноҳ. Инглистон жаннатмакон падарингизга зўр илтифотлар кўргазар эди, ҳазрат амир ҳам уларга содиқ эди.

Омонуллохон унинг ҳаракатларига қараб туриб, «ажаб, булар инглисни бунча хушламаса, тобеликни бунча қадрламаса, гулистондан кечиб, сайри мазоратни бунчалик истамаса...» деб ўйлади. У тепага қайрилган гажак мўйлабини бураб, ҳазратга яқинлашди.
— Ҳазрат, дуо қилинг, сизнинг дуоларингиз ижобат бўлгуси: Оллоҳ гуноҳларимиздан кечиб, ғалабага етказсин, шаҳидлар жонини даргоҳида қабул этиб, жаннатдан жой ато қилсин, омин!

Ҳазрат ноилож фотиҳага қўл очиб, узоқ дуо қилди. «Айёр бу бола, жуда айёр», деб ўйлади у чиқиб кетар чоғида.

Қарашлари мулойим, бўй-басти келишган, калта мўйлабли Муҳаммад Валихон амир узатган мактубни олиб кўз югуртирди: «Бу замонда бахтдан дарак берувчи тараққиёт нури халқларни бирлашувга, биродарлик алоқалари ўрнатувга чорлаётган дамларда, дўстлик иплари аввал ҳамҳудудларни, сўнг бўлак элатларни бир-бирига боғламоғи лозим. Афсуслар бўлсинким, узоқ вақт мобайнида Буюк Афғонистон Инглистон найранглари туфайли озодлик ва мустақиллик нуридан бебаҳра қолиб, энг яхши, энг саховатли қўшниларидан ҳазор-ҳазор чақирим нарига суриб қўйилди. Энди афғон халқи бу найрангларга барҳам бериб, қаддини ростлади ва шавкатли ҳамҳудуд мамлакатга сафир йўллайди. Сардор Муҳаммад Валихон бизнинг мухтор вазиримиз сифатида сизлар билан музокара юритиб, ҳар икки давлат ўртасидаги чин, мустаҳкам дўстлик қасрига пойдевор тайёрлайди...»

Муҳаммад Валихон мактубдан нигоҳини узиб, амирга қуллуқ қилди.
— Бағоят доно сўзлар битилибди, — деди у.
— Сиз, аввало, Шўрави Русияга, сўнг Овруподаги барча мамолик ҳукуматларига Буюк Афғонистоннинг мустақил эканини маълум этинг. Шўрави Русия ҳукуматидан эса илтимос қилинг: Овруподаги бўлак мамолик ила тижорат алоқалари ўрнатган тақдиримизда молларни хирож-божсиз Русия еридан олиб ўтувимизга изн берсинлар. Яна айтингки, уруш туфайли бизларимиздан тортиб олишган дарёнинг ул қирғоғидаги ерларни қайтариб берсинлар.
— Амир соҳиб, — деди Тарзи, бу гапдан ҳайратга тушиб, — асти бундай демайлик. Ҳозирги аҳволимиз бундай илтимосларга имкон бермайди.
— Ҳечқиси йўқ, — амир Тарзининг гапига пинагини бузмади, — биз бу билан уларнинг... — амир «вафосини» демоқчи бўлди-ю, жоиз эмаслигини фаҳмлаб, бошқача айтди: — мақсадини билиб оламиз.

Тарзи бу гапни эшитиб, ичидан зил кетди-ю, бош чайқаб қўйди.

Иккинчи қисм - Дийдор Йўли

Биринчи боб - Ҳисобли Дунё

1

Асадулла иш билан овора бўлиб аста-секин овуна бошлади. Ўз ғамига емирилиб ўтирадиган замон эмасди. Туркистон Марказий Ижроқўми унинг Афғонистон сафаридан озод қилишни сўраб ёзган илтимосномасини рад этди. Барча номзодларни Москва тасдиқлаган, уларнинг назарида қарорни ўзгартиришга «арзирли асос» йўқ эди. Асадулла илгари «елчиликни эплай олармиканман», деб ўйлаган бўлса, энди «сиҳатим дош берармикин», деган хавотирга тушган эди.

Афғонистондан келаётган элчиларни кутиб олишда шахсан иштирок қилажагини билиб, сафарга жўнаш масаласи узил-кесил ҳал этилганини англади.

Афғонистон элчиси сардор Муҳаммад Валихон ва унинг аъёнлари кутилгандай кундузи эмас, оқшомда етиб келишди. Темир йўл бекатида қўшкарнай, қўшсурнай, қўшноғора асъасаю дабдабани бошлаб берди. Муҳаммад Валихон вагондан тушиши билан Ташқи ишлар халқ нозири, Хмарин ва Асадулла Миръалам унга пешвоз юрдилар.
— Озод Туркистон жумҳуриятининг пойтахтида озод Афғонистон амирининг элчисини Шўро ҳукумати номидан муборакбод этаман.

Хмарин нозирнинг сўзларини форсийга ўгирди. Бунга жавобан Муҳаммад Валихон енгил таъзим қилди.
— Бир дарё сувини ичсак-да, бир қуёшдан нур эмсак-да, — деди у, — орамиз узоқ эди, наинки узоқ, орамизда Инглистон тиклаб қўйган Искандар девори мавжуд эди. Бул деворнинг йиқилуви ҳар иккимизга ҳам қутлуғ бўлсин.
— Сафарингизнинг бехатар ўтгани рост бўлсин, зиёратларингиз қабул бўлсин, — деди Асадулла суҳбатга қўшилиб.

Элчи форсийда гапирган чўққисоқол, қотмадан келган, истараси иссиқ бу одамга қараб:
— Оллоҳ зиёда қилсин, — деди-да, юзига фотиҳа тортди.

Нозир Хмарин билан Асадуллани унга таништирди.
— Ёруғ дунёда икки юртни дўстлашувига хизмат қилишдан савоброқ иш йўқ, — деди элчи Асадулланинг қўлини сиқиб. — Шу савоб бизга насиб этган экан, ҳазор-ҳазор шукр.

Муҳаммад Валихоннинг ҳамроҳлари беҳад кўп эди. Хизматчилар, соварлар алоҳида тўп бўлишди. Элчи нозирни сафорат ишлари билан шуғулланувчи аъёнлари билан бир-бир таништирди. Зар чопонлилар орасида серсоқол бир одам Асадулланинг диққатини тортди.
— Саид Ғаффорбек, — деди элчи, таништириш навбати унга етганда, — Бухоро амири Саид Олимхон ҳазрати олийларининг илтифотлари ила сафорат ишларига кўмак бермоққа чорланганлар.

Саид Ғаффорбек нозир, сўнг Хмарин билан жилмайиб кўришди. Навбат Асадуллага келганда эса кўзларини ундан олиб қочди. Асадулла унинг қўлини олиб, дарров қўйиб юбормади.
— Азалдан биродарсизлар шекилли? — деди Муҳаммад Валихон Асадулланинг ҳаракатидан ажабланиб.
— Йўқ, йўқ, бир биродаримга ўхшатдим. Рафиқ Ирис ўғли деган қадрдоним бўлар эди. Худо уни бизга кўп кўрди.
— Оллоҳ раҳмат қилсин биродарингизни, — деди Саид Ғаффорбек, юзига фотиҳа тортиб.

Меҳмонлар шаҳарга йўл олишганда Асадулла Шуваловга яқинлашди.
— Серсоқолга эътибор қилинг, Ирисовнинг худди ўзи.
— Элчилар орасида нима қилиб юрибди?
— Бухоро амири қўшган эмиш.
— Бухоро амири?... Яхши, Мираъламович, сен сир бой берма. Буёғини ўзимиз кузатамиз.

Кечқурун собиқ генерал-губернаторнинг боғида зиёфат берилди. «Сен же, мен же, қолганини томга ташла», дейдиган замон эмасди. Шу боис дастурхон камтарона безалди. Бухоро амири саройида тўкинлик гувоҳи бўлган афғонлар бу ерда бундайин камтаринликни кўриб, ажабланишди. Мезбонлар эса изоҳ беришни лозим топишмади.

Асадулла Саид Ғаффорбекдан нарироқда ўтирди. Аммо кўз қурғур нуқул шу одам томонга тортади — беихтиёр қараб-қараб қўяди. Саид Ғаффорбек унинг қарашларини сезар, илло сезса-да, сезмаганликка йўйиб, пинагини бузмасликка тиришади.

Либосию турқи тароватини ўзгартирган Рафиқ Ирисов — Саид Ғаффорбекни қайси бало йўлдан урган, унинг қайси ерларда қандай ҳунар кўрсатгани Асадулла учун қоронғи. Ҳозир у бир нарсага аниқ ишонди — Бухоро амирининг ишончига кирибдими, демак, катта хиёнатлар кўчасидан ўтиб борган. Майда хоинлигу чақимчилик билан амир қароргоҳига кириб бўлмайди. Хўш, эндиги вазифаси нима унинг? Асадуллани шу жумбоқлар ўртайди. Шувалов-ку, уни назаридан қочирмас, аммо у ҳам анойимасдир. Пинак бузмай ўтирганига қараганда, унча-бунча ҳийлагарга дарс бериши мумкин. Илгари ҳам шунақамиди ё кейинроқ ўзгардими?

Ирисов ёшлигига қарамай, кўпни кўрган, кўзи пишган эди. Минг тўққиз юз бешинчи йилдаги ғалаёнлар даврида нақ Петербургда бўлган экан. Унинг ҳикояларидан Асадулла лол қоларди. «Кайфу сафони ташлаб, вафосиз дунёда меҳру вафони бошламоқ вақти етди», деган эди у. «Фақир шодликни найлайди, бир кунлик вафоси бўлмаса. Вафоли шодлиқға эришмоқ учун эса курашмоқ, ҳокимият эгаси бўлмоқ керак». Асадула бу гапларни унутгани йўқ. Рафиқ Ирисовга нисбатан кўнглига шубҳа оралаганда шу сўзларни эсларди. Шундай доно, ҳақ гапни айтган одамнинг хоин бўлиши мумкин эмас, деб ҳисобларди. Ҳозир ҳам шуни эслаб, балки бу одам Рафиқ афанди эмасдир, деган гап хаёлини бир ёритиб ўтди.

Асадулла қоронғиликда гангиб қолди. Гўё тун боғни эмас, унинг вужудини босган эди. У йўлларига чурук турмушнинг қандай гўрлар ҳозирлаганидан бехабар эди.

Асадулла ҳам, Шувалов ҳам Саид Ғаффорбекка қараб, бу нусха Бухоро амири ишончини қандай қозонди экан, амир нима учун афғонларга лутф қилиб уни қўшди экан, деб бош қотирардилар. Улар Хаустоннинг Бухорога қўноқ бўлгани, амир билан узоқ суҳбатлашганидан бехабарлар. Бухорога боратуриб Каттақўрғондан Рафиқ Ирисовни ёнига олганини ҳам билмайдилар.

2

Ғуломқодир Термизда жавоб кутавериб юраги тўлиб-тошиб кетди. У то ҳануз бу қадар бекорчиликка банди бўлмаган эди. Кунда қалъага боради, хабар олади. Аввал: «Одамлар Тошкентга етиб боришмабди, ўзимиз ҳам хавотирдамиз», дейишди. Кейин: «Амир ҳазратнинг мактуби Тошкентга етказилиб, Москвага узатилибди, энди жавобини кутинг», дейишди. «Мактуб эгасига тегибди, бугун-эрта жавобини ҳам етказишар», деб юрди. Кун ўтаверди. Инглистон билан бошланиб кетган урушдан бу ерга чала-ярим хабарлар келиб турарди. Ана шу узуқ-юлуқ дараклар унинг кўнглини баттар эзар эди. Ғуломқодир Эрон сарҳади, Ҳазар баҳридан ўтган инглисларнинг аҳволи бирмунча танг экани ҳақида ҳам хабарлар эшитарди. Эшитардию ич-ичидан зил кетарди. Лоақал биттагина инглиснинг кўксига дудамасини санчганда эди, кўнглидан армони чиқармиди...

Мана шу армонлар тутунида бўғилиб юрганида дарёнинг у бетидан чопар ўтиб, мухтор вазир Мазори Шарифдан йўлга чиққанини маълум қилди. Кейин Термизга Муҳаммад Валихон кириб келди. Ғуломқодир ўша куниёқ унга рўбарў бўлиб, вазифасини адо этганини, энди изига қайтиш илинжида эканини маълум қилди.

Сардор, кўриниши мулойим бўлгани билан, гапни шарт кесди:
— Сени сафорат ишларига лозим кўрган эканларми, демак, биз билан йўлга отлан. Муҳориба сенсиз ҳам шарафли ниҳоясига етгуси. Бизнинг сафаримиз эса узоқ, ҳам хатарли.

Ғуломқодир яна дардини ичига ютди. Пароход деган ажойиботда Чоржўйга сузиб бордилар. Ундан Бухорои Шарифга ўтдилар. Бухоронинг шуҳрати қулоғига чалинган эди, шаҳарнинг ўзини кўрди-ю, кўнгли таскин топмади. Чунки унинг тасаввуридаги Бухоро фақат тилла миноралардан иборат мўъжиза шаҳар эди. Кўча-кўйда фақирлар, сарой атрофида эса зар тўн кийган одамларни кўриб, «биздан ҳеч бир фарқи йўқ эканда», деб қўйди.

Сўнг силтаб-силтаб ўрнида қўзғалувчи поезд деган ғаройиботга ўтириб Самарқандга, ундан Тошкентга етишди.

Тошкент Бухородан салқинроқ, ернинг умуртқасини синдириб юборадиган катта иморатлари кам, кўчалари анча батартиб шаҳар эди. Ғуломқодир бу ерда ҳам тўкинликни кўрмади. Айниқса боғдаги зиёфат уни лол қолдирди. «Аҳволлари шу бўлса, амир соҳиб улардан нима умид қиляпти», деб ўйлади. Аҳволи оламдан бехабар, фақат милтиқ отишу қилич чопишга чапдаст бу йигитнинг ажабланиши табиий эди. Фақат у эмас, ваколани кузатиб келаётган ўзга совару сарбозлар ҳам шу фикрда эдилар Сердарахт ҳовли ташқарисига фақат мухтор вазиру бир неча аъёнлар чиқиб туришар, шаҳардан эса кам одам ташриф буюрар эди. Ғуломқодир бу ерга тез-тез келиб турувчи чўққисоқол, кичик жуссали одамни яхши таниб қолган. Ғуломқодир уни шу ернинг сардорларидан деб билиб, рўпара келганда таъзим билан салом берганда у гердайиб ўтмай, ўшандай таъзим билан алик олди. Ғуломқодир сардорлар орасида бундайини учратмаган эди. Унинг зийрк кўзи яна бир нарсани кузатди: Бухородан қўшилган сардор шу ҳовлига қўнишгандан бери шаҳарга чиқмади.

Саид Ғаффорбекнинг шаҳарга чиқишдан ўзини тийишини Муҳаммад Валихон ҳам сезди. Туркистон жумҳуриятининг элчиси деб тайин этилган Асадулла Мираълам ташриф буюрганда аъёнлар суҳбатидан ўзини тортиши эса уни шубҳалантирди.

Мухтор вазир Бухоро амирига Афғонистон амирининг номасини етказиб, Бухорода Афғонистон сафоратхонасини очиб, Тошкентга йўл оламан деганда, Саид Олимхон марҳамат кўрсатди: Ўрусия ерларини, урф-одатлари, шунингдек, лисонини ҳам дуруст билувчи аъёнларидан бирини вакола бирлан жўнатажагини маълум қилди. Муҳаммад Валихон бундан норизо бўлса-да, амир марҳаматини қайтара олмас эди.

Бугун Туркистон жумҳурияти нозирлари ҳузурида бўлганда унга нохуш гаплар айтишди: Москва йўли ағёрлар томонидан банд этилгани сабабли уларнинг сафарлари Тошкандда вақтинча барҳам топар эмиш. Ағёрлар маҳв этилиб, темир йўл очилгач, уларнинг Москва томон борувлари мумкин эмиш. Тошкандда қанча фурсат ипсиз боғланишларини на нозирлар, на-да мухтор вазир биларди.

Жумҳурият нозирлари Афғонистонга ҳарбий ёрдам берилажагини маълум қилишгач, мухтор вазирнинг кўнгил ғашлиги бир оз тарқалди. Тошканддан Кобул сари элчилар ваколаси жўнашга ҳозир эканини билиб, кўнгли таскин топди.

Сафорат аҳли Тошкандда номаълум фурсат қолажаги туфайли хизматчилардан ва соваралардан бир нечасини ортга қайтарувга қарор қилди. Тошканддаги сафоратхонага етарли соварлар а хизматчилардан ташқари барча одамлар Мирза Қандилхон бошчилигида Кобулга қайтиш амрини олдилар. Мухтор вазир шу баҳонада Саид Ғаффорбекка ҳам рухсат берган эди, у дарҳол кўнақолди. «Вакола баҳонасида Кобулни зиёрат қилиб, умрлари узун бўлгур ҳазрат амир Омонуллохон хизматига юз тутажагини», билдирди.

Шундай қилиб, ҳижрий ҳисобнинг 1337 йили жавзосида, милодий ҳисобнинг 1919 йил 15 июнида шўроларнинг биринчи элчилар ваколаси ҳайъати қизил аскарлар, афғон аъёнлари, соварлари кузатувида Кобулга қараб йўл тутди.

3

Тақдир бешафқат бўлса, у билан келишишга уриниб кўр, дейдилар. Поезд ўрнидан жилганида Асадулла Ушинскийга ҳамхона бўлишини билди-ю, Афғонистонга бориб-келгунга қадар тақдир билан келишувдан ўзга чораси йўқлигини фаҳмлади.

Купеда ёлғиз қолишгач, анчагача бир-бирларига қараб индамай ўтиришди. Иккови ҳам дераза оша ташқарига тикилар, иккови ҳам ўз фикрларига банди эди.

Сукутни биринчи бўлиб Ушинсий бузди:
— Хўш, ўртоқ Мираъламов, Афғонистонга бориб келгунча шундай гунг-соқов бўлиб ўтирамизми?
— Гапингиз бўлса гапиринг, — деди Асадулла нохуш оҳангда.

Унинг кўнгил нохушлигига сабаб фақат Ушинскийга ҳамхона бўлиши эмс. Уйини мактаб ихтиёрига топшириб, Мирободни ташлаб чиқар маҳалида кўкрагидан бир нима узилиб қолгандай бўлди. Назарида бу тупроқ кўчани, деворларга елка тираб ўсган жийдаларни, олчаларни... бошқа кўрмайдигандай эди. Унинг хотини, болаларисиз ҳувиллаган уй, кўча, маҳалла энди бутунлай етим бўлиб, бўзлаб қолаётгандай эди.

У соғинч қирғоқларида сарсари кезмоқ учун йўлга чиқди. Ҳали дуч келган қайғуларини, қувончли чоғларини, пучга чиққан тилакларини, айтилмаган сўзларини эслайди. Бедорк қолган кўзларни қўмсайди. Бу қадрдон кўчасига, болаларининг киндик қони тўкилган уйга қачон қайтади, мунгли уйи қачон қайта жонланади? Ҳаёт уни баҳор мўъжизаси-ла қаршилармикин ҳеч, ё ҳазонрезги томон аёвсиз суриб кетаверармикин? Чигаллашиб кетган ҳаёт ипи қачон, қаерда узиларкин? Тун қачон, қаерда эриб, қачон, қаерда умиди тонги отаркин?.. Асадулла шу дард билан маҳаллани ташлаб чиқди. Шу дард билан бекатга келди. Дардини сиртига чиқармай, яқинлари билан хайрлашди.

Мана энди купеда бу дард ҳуруж бошлаган. Уни енгиллатай деса, рўпарасидаги одам дардкаш эмас. Шувалов бўлганда бошқа гап эди. Аксига олиб у Когонга кетган. Ваколани ўша ерда кутиб олади. Асадулла ўз ёғига ўзи қовурилади. Ушинский эса унинг нохушлигини бошқа нарсага йўяди.
— Ўртоқ Мираъаламов, менинг номзодимга қарши чиққан экансиз, эшитдим, лекин бундан хафа эмасман. Мен бошқа нарсадан ранжидим. Наҳот менинг танқидий гапларимни кўнгилда сақлаб юрган бўлсангиз, ахир ҳақиқат баҳсларда юзага чиқади. Мен орқангиздан ғийбат қилмай, фикримни кўпчилик орасида айтганимдан беғараз эканимни билишингиз керак эди. Унда бошқа-бошқа йўлда эдик. Энди бир фирқадамиз...
— Вениамин Самойлович, мен бир гап учун гина сақлаб юрадиган ёшда эмасман. Буни сиз ҳам билиб олинг. Бир фирқада бўлганимиз билан маслақдош эканлигимизга ишончим йўқ, буни ҳам билиб олинг.
— Эсерлар сафида бўлганимга шама қиляпсизми? Қизиқ... Першинга ҳам шундай деганмидингиз?
— Першинни ҳоли қўйинг. Умуман, унга ўзингизни тенглаштирманг. Першин қоя эди. Мен ҳам, сиз ҳам Першиндай инқилобчи бўла олсак, бу дунёдан армонсиз кета олардик.
— Шунақа денг... — Ушинский пенснесини кўзидан олиб, кўкрак чўнтагига солди. — Биз Першин билан узоқ вақт елкама-элка турганмиз. Дарвоқе, — Ушинский истеҳзо билан жилмайди, — буни билмасангиз керак, унда сиз жадидлар билан бўлгансиз...
— Вениамин Самойлович, тўғрисини айтинг, «жадид» ним дегани, биласизми?
— Биламан: аксилинқилобий ташкилот.
— Жадидларнинг бир гуруҳи «Шўрои исломия», «Уламо»га қўшилгани учун шундай деяпсиз. Эътиборингиз учун «жадид» — «янги» дегани. Ўқиш-ўқитиш ишларини янги усулга кўчириш уларнинг мақсадлари эди. Маориф йўли билан зулмга, ноҳақликка барҳам берилади, деб ишонишган. Мен эсам ҳурриятга фақат маориф йўли билан эришиб бўлмаслигини англаб, кураш йўлига ўтдим, улардан узоқлашдим. Жадидларнинг қай бирлари ҳақ, қай бирлари ноҳақ эканини келажак кўрсатади. Шунинг учун ўтмишни юзимга солишингиз ўринсиз.
— Бу гапни ўзингиз бошладингиз.
— Ўйлаб кўринг-чи, ким бошлади экан?

Ушинский Асадуллага тикилиб, муғамбирлик билан кулимсиради.
— Яхши, мени кечиринг, — деди у қўл узатиб, — тинчлик сулҳини имзоладик, десам бўлар?

Асадулла истар-истамас унинг қўлини олиб, «ҳа», деб қўйди.
— Элчимизнинг котибаларини кўрдингизми, жуда ҳурилиқо-ю, а? — деди Ушинский, орадаги нохушлик йўқолганидан хурсанд бўлиб. — Нима учун бу парини қўшди, билмайсизми?
— Билмайман, дипломатия қонун-қоидаси шунақа бўлса керак.

Ушинский: «Асадулла тўғри жавобдан бўйин товлаб атайин шундай деяпти», деб ўйлади. Ҳолбуки Асадулланинг ўзи ҳам бу хонимни кўрганида ҳайрон бўлиб эди. Хизматчилар, кузатиб борувчи қизил аскарлар номзоди Ташқи ишлар халқ нозирлигида кўрилган, бундан Асадулланинг хабари йўқ эди. Нозирлик маҳкамасида ишловчи бу аёлнинг Хмаринга таниш экани, ваколага Хмарин истаги, илтимоси билан қўшилганини у кейинроқ билди.
— Унда сиз нимага олмадингиз, ахир сиз Туркистон республикасининг элчисисиз-ку? — деди Ушинский унинг жавобидан қаноатланмай.
— Вениамин Самойлович, бунақа икир-чикирларга аралашмайлик. Бизнинг вазифамиз бўлак.
— Йўқ, азизим, вакола ҳайъатини биз бошқаришимиз керак. Сафар натижасига элчи эмас, биз — болшевиклар жавоб берамиз. Хмарин партиясиз. Унга тўла ишониб бўлмайди. Сиз, мен, ўртоқ Шувалов — ҳар бир икир-чикирга жавобгармиз. Айтмоқчи, ҳарбий атташемиз кўринмадилар?
— Билмадим. — Шу қисқа жавоб билан Асадулла суҳбатга тоқати йўқ эканини билдирди.

Поезд Сирдарёдан ўтганда атрофни қоронғилик чулғай бошлаган эди. Асадулланинг назарида улар тун қаърига учишарди. Зим-зиё тун кўп ўтмай уларни бағрига олади.

Ушинский ҳадеб гапиравергани учунми, Асадулла кўпчилик ёдга олаётган ўша можарони эслади.

Ўшанда Асадулла мажлисда эмас, чўғ устида ўтиргандай бетоқат эди. Бу ерга келатуриб Шуваловдан ҳам ҳайратлантирувчи, ҳам ғазаблантирувчи бир хабарни эшитиб, бошига чўқмор урилгандай гангиб қолган эди. У аксилинқилобчилардан ҳамма малъунликларни кутиши мумкин эди. Лекин юртни сотишлари етти ухлаб тушига кирган эмасди: ўзини ТВО деб юритувчи Туркистон ҳарбий ташкилоти Туркистонни йигирма беш йил муддатга Англияга сотибди! Одам ақлдан озса мол-мулкини, ҳатто хотинини, борингки энг ашаддийлари онасини сотиши мумкиндир. Лекин юртни сотиш, Ватанни сотиш!?

Шу хабардан дунё кўзига тор кўринаётган Асадулла мунозарага аралашмай ўтирган эди.

Мажлис бошланишида кескин мунозара ҳам кутилмаган эди. Чунки унда айтарли баҳс талаб этмайдиган масала — маҳаллий аҳоли орасида маориф ишларини йўлга қўйиш, Мунаввар қори ташаббуси ила апрелда иш бошлаган Туркистон халқ дорилфунунига ёрдам бериш масаласи ўртага қўйилган эди. Лекин кутилмаганда гўё тўғон ўпирилди-ю, йиғилиб қолган сув ўзанни бошқа томонга бурди.

Туркистон Ўлка Шўроларининг ИИИ қурултойида маҳаллий аҳолида ишчилар синфи ташкилотлари йўқ, деган баҳонада ҳокимиятга биронга ўзбек киритилмаган эди. Мажлисда бу катта хато экани айтилди-ю, эсерларнинг жон томирига болта урилди. Чунки ИИИ қурултойда эсерлар таъсири кучли бўлган эди. Маориф иши уёқда қолиб, маҳаллий аҳолига ишониш керакми ё йўқми деган масала яна кўндаланг бўлиб қолди.

Асадулла билан Ушинскийнинг тўқнашуви шунда бошланган эди.

Эсерларнинг жанжалкаш вакили сифатида танилган Ушинский мунозараларнинг охирроғида гапиришни хуш кўрарди. У мўлжални аниқ оларди: бошқаларнинг фикридан огоҳ бўлиб, шиддатли зарбага тайёрланарди. Бу гал ҳам одатини канда қилмади. Баҳс якунланай деганда ўтирган ерида:
— Сиз декабр воқеаларини унутиб қўйяпсиз! — деди бақириб. Мажлис аҳли тинчигач, виқор билан ўрнидан турди. У шу гапи биланоқ болшевиклар фрактсиясини мағлуб этгандай рўпарасидаги одамларга ғолибона қараб қўйди.
— Муҳаммад пайғамбарнинг туғилган кунини нишонлайдиган тўда эски шаҳардан юришни бошлаб нима қилди? — деди у яна рўпарасидаги одамларга мурожаат қилиб. Сўнг жавоб кутмай гапини давом эттирди: — Янги шаҳарга келди. Кейин турмани ўраб олди. Ишғол ҳам қилди. Хўш, кейин-чи? Кейин совет ҳокимияти душманларини чиқариб юборди. Ана энди, муҳтарам болшевик ўртоқлар, менга жавоб беринг: бу йил Муҳаммад пайғамбар туғилган куни нишонланмайдими? Энди улар Туркистон Марказий Ижроқўмига юриш қилиб, комиссарларни турмага тиқмайди, деб сиз кафолат берасизми, ўртоқ раис? Мени кечиринг-у, — Ушинский истеҳзо билан кулди, — мен кафолат бера олмайман. Турмада ўтиришга тоқатим йўқ. Мен бир нарсага кафолат бера олишим мумкин: уларнинг ТВО тарафида туриб, бизга қарши курашишлари аниқ!

Нотиқнинг гаплари қуруқ сафсатага айланганидан ғала-ғовур кучайди. Ушинский эса бунга парво қилмай овозини баландлатди:
— Ана, ўртоқ Асадулла Мираълам нима дея оладилар? Кейинги қурултойда бу ўртоқ раҳбар органларга маҳаллий миллат вакили сифатида сайландилар. Мен бу ўртоқнинг инқилоб ишига садоқатлари борига, афсус, ишона олмайман.
— Ўртоқларнинг шахсиятига тегмаслигингизни талаб қиламан!
— Ўртоқ раис, илтимос, гапимни бўлманг. Биз ҳозир принтсипиал масалани ҳал қиляпмиз. Мен айтган ҳар бир гапим учун жавоб беришга тайёрман. Демак, ўртоқ Миръаламга ишончим йўқ, дедим. Энди ўртоқ Мираъламга саволим бор: янглишмасам, сиз ўтган йили, «Шўрои исломия»нинг газетасида ишлардингиз, шундайми? Аниқроғи, муҳаррир эдингиз?

Асадулла ўрнидан турди. Мажлис аҳли жим бўлиб, унга ўгирилди. «Эсернинг нияти маълум, қани, охиригача эшитай-чи?» — деган ўйда жавоб берди:
— Ҳа, муҳаррир эдим.
— Улар сиздан хафа бўлишганда тавба қилган-сиз-а?
— Ҳа, тавба қилганман.
— Бўлди, раҳмат, шунинг ўзи етарли. Ана, ўртоқлар, шу одамга қандай ишониш мумкин? Бу одамнинг мен билан бирга бўлишига сира ишончим йўқ.

Хонада яна ғала-ғовур кучайди.
— Ўртоқ Ушинскийга менинг ҳам саволим бор, — деди Асадулла. Унинг жуссаси кичик бўлгани билан овози жарангли эди. Сўзларни дона-дона қилиб, чертиб-чертиб гапириши диққатни тез жалб қилар эди. Ҳозир ҳам шундай бўлди: ҳамма жимиб, унга тикилди.
— Менинг «Шўрои исломия» хизматида бўлганим сабабини наҳот билмасангиз? — деди Асадулла, Ушинскийга тикилиб.
— Бу сизнинг шахсий ишингиз. Ғоянгиз шунга йўл қўяр экан... — Ушинский шундай деб ундан кўзини олиб қочди.
— Ҳа, мен ўз ғоямни амалга оширишда «Шўрои исломия»дан ҳам, «Уламо»дан ҳам фойдаландим. Мен уларнинг газитини ўзларига қарши курашда қурол қилдим. Ўртоқ Мирмуҳсиннинг «Икки тарихий воқеа» деган мақоласи айнан шу газитда босилиши керак эди. Биз айрим дин пешволарининг разиллигини ўз газитида фош этдик. Мақоланинг биринчи ярми учун тавба қилдим, тўғри. Чунки мақоланинг асосий — иккинчи қисмини ҳам халққа етказишим лозим эди. Ўртоқ Ушинскийга ҳайронман, менинг тавбамни унутмабдилару Мирмуҳсиннинг сазойи қилингани, менинг эса «Уламо» томонидан ўлимга ҳукм қилинганимни эсларидан чиқарибдилар-да, а? Агар биз бу ерда «мен садоқатлироқман, у эса ишончсиз», деб сафсата сотсак...
— Ўртоқ Мираъалам, ўйлаб гапиринг... — Ушинскийнинг эндиги гапида аввалги шижоат қолмаган эди.
— Ҳа, сафсата сотсак, — Асадулла Ушинскийнинг ҳолини сезиб, қатъийлик билан таъкидлади, — подачи кўпайиб, қўйлар ҳаром ўлиши тайин. Ўртоқ Ушинский: «Бу одамнинг мен билан бўлишиг ишонмайман», деди. Тўғри гап бу ўртоқлар. Мен Ушинский билан бирга бўлмайман. Ҳатто уни «ўртоқ» дейишга тилим бормайди.

Ушинский жаҳлдан бўзариб, бир оз турди-да, кейин шартта ўтириб олди.

Мажлис аҳли гарчи Асадуллани айбламаган бўлса-да, унинг кўнгли ғашланди. Аслида-ку Ушинскийнинг гапларига эътибор қилиш керак эмас. Кадетларга ювиндихўр бўлган бу балодан ҳар нарсани кутиш мумкин. Эртага анархистларга, индинга меншевикларга қўшилибди, дейилса, ҳеч ажабланмаслик керак. Асадулла бунга ўтган йилиёқ амин бўлган. Шунга қарамай, унинг гаплари малол келди.

Куздаги жанг кунлари, Тупроққўрғон атрофида жон олиб жон берилаётганда: «Яхши ҳам эски шаҳарликлар бор экан, шулар бизни боқмаса очдан ўлардик», деган ким эди? Шу Ушинский эмасмиди? Энди нима учун эски шаҳарликларга ишонмай қолди? Ўшанда, Тупроққўрғон яқинида юракдан гапирган эди. Энди-чи? Ўша гапини унутдими? Унутмаган. Декабрдаги юришга ким айбли эканини билади. Лекин ўз фирқасининг обрўйини тўкмаслик учун энг покиза нарсалар устига ҳам мағзава ағдаришдан тоймайди.

Мана шундай бебурд одам эсерларни тарк этиб, болшевиклар томонига ўтди. Унга ишонишди. Ишонганда ҳам муҳим вазифа билан бораётган ваколага қўшишди. Шу одам қўшилмасин, деган Асадулла адоватчига чиқарилди. Ана энди бир купеда кетяпти. Ҳатто ярашишди, «сулҳ» тузишди...

Купе димиқиб кетгани учун Ушинский деразани пастга туширди-да, бошини чиқариб, юзини шабадага тутди.
— Ўртоқ Мираъламов, ҳинд муҳожирини яхши биласизми? — деди Ушинский жойига ўтиргач.
— Зикриё афандини айтяпсизми? Унчалик эмас, нима эди?
— Мени уларнинг платформаси қизиқтиради. Кобулда уларнинг муваққат ҳукумати бор экан, эшитганмисиз?
— Бўлса бордир... Бобурийлар ҳукмдорлиги тугагандан бери инглизларга тобе улар. Юз йиллаб қарамликда яшаган халқнинг кўз очадиган вақти етгандир. Тутган йўллари ҳам шундан келиб чиқади. Асосий мақсадлари озодлик эканига шубҳам йўқ.
— Озодликка ҳам турли йўл билан борилади.
— Бу табиий. Юз миллион йўл, қинғир-қийшиқ йўлдан энг адлини танлай олишса муддаога эришишади.
— Ўша сиз айтган адл йўли қанақа бўлади?
— Буни билмайман.
— Ана кўрдингизми, уларнинг мақсадини билмаймизу, аммо ишониб, қаторимизга олаверамиз.
— Вениамин Самойлович, сиз бу шубҳаларингиз билан орамизда ишончсизлик уйғотасиз, сафаримизни таҳликага қўясиз.
— Йўқ, азизим, мен бир нарсани билмасам гапирмайман. Ҳаммага ишонишга ҳаққим йўқ. Ишонганларимиздан бири Осиповмиди? Револютсия тақдири қил устида турганда ҳатто ўзимдан ҳам шубҳаланаман.
— Бекор қиласиз. Инқилобни шубҳалар билан ушлаб туриш мумкин эмас. Инқилобнинг суянчиқларидан бири — ишонч.

Ушинский яна Осиповни мисолга келтириб жавраб кетди. Асадулла у билан баҳслашиш ортиқчалигини билиб, ёстиққ ёнбошлади, гапларига эътироз билдирмади. Ушинский ҳамроҳининг баҳсдан бўйин товлаётганини англаб, гапни бас қилди.

Поезд бир-икки силкиниб, Асадулла уйғониб кетди. Тонг ёришиб қолган эди. Асадулла ўрнидан туриб, даҳлизга чиқди.
— Сабоҳингиз хайрли бўлсин.

Асадулла овоз келган томонга қаради. Қора қошлари туташган, жуссадор киши тутқичга суянганича унга кулимсираб турарди.
— Зикриё афанди? Уйқунгиз қочдими?
— Уйқу — ғафлат. Ғафлат жафосини биламиз биз, — деди Зикриё афанди ўйчан тарзда.
— Ғам еманг, ғафлатлар чекинувчи давронлар келди.
— Бундай давр ўзи келмайди. Вужуди жаҳолат ичида тор-мор бўлган халқни курашга кўтариш осон эмас. — Зикриё афанди шундай деб сукут қилди. Кейин дераза ортида мудраётган ўлик чўлга боққанча гапини давом эттирди:

Кўзлардин оқар қон ёш, билмам, нечук оламдур,
Дунёни босиб селоб, ҳар гўшада мотамдур.
Тўфонму, балодурму ҳар қатраси бир ғамдур,
Бизларни яратмоқдан савдоси недур, билмам...

— Зикриё афанди, бадбинлик ҳам жаҳолат каби ёмон иллат.
— Мен бадбин эмасман, бу гапларингиз бекор. Некбинлигим боисидан мусофирликда, қувғиндаман. Эшитганингиз бордир. Кобулда Ҳиндистон муваққат ҳукумати тузилиб эди. Калтабинлигимизни қарангки, биз Русия императоридан марҳамат кутибмиз. Ҳукумдорга мактуб йўллабмиз. Мактубни нимага зарб этганмиз, биласизми? Тилла лаганга! Умид билан йўлга чиқдик. Сафаримиз Тошканда узилди. Бизни тутиб, инглисларга топширдилар. Мен қочдим. Русия ҳукмдорига бизнинг қулликда қолмоғимиз маъқул экан.
— Афғонистоннинг ўзини мустақил деб эълон қилуви ҳиндларга таъсир этмасдан қолмас? Бизнинг дўстлик алоқалари ўрнатувимиз озодлик курашига қанот бўлар?
— Айтганингиз келсин. Шарқ уйғонади, уйғониш шодиёнасини кўриш бизга-да насиб этади, бунга ишонаман.

Зикриё афанди шундай деб жимиб қолди. Асадулла унинг ўйига халал бергиси келмади. «Уйи, бола-чақаси ёдига тушди шекилли», деб ўйлади. У янглишмаган эди. Чиндан ҳам Зикриё афанди уйини эслади. Ҳиндистонда унинг бир қизи, хотини, қариб, кучдан кетган ота-онаси, беш укаси, синглиси қолган. Уйини эслаганда энг аввал қучоғини очиб, югуриб келаётган қизалоғи кўзига кўринади. Уйни ташлаб чиққанда қизи беш ёшда эди. Ҳозир ўндан ошган. Лекин бари бир кўзига беш ёшли дўмбоқ қизалоқ бўлиб кўринаверади. Ўн ёшли қизини тасаввур қила олмайди.

Афғонистон сафарига отлангандан бери Зикриё афанди тинчини йўқотган. У ҳар куни хаёлан уйига кириб боради. Югуриб чиққан қизини даст кўтаради. Кейин тиз чўкиб, аввал ота-онасининг этакларини кўзига суртиб тавоб қилади. Сўнг онаси уни бағрига босади... Ким билан қандай кўришиши бир-бир кўз олдидан ўтади. Ана шу ширин умид уни Ҳиндистон сари чорлайди. Зикриё афанди уч йил бурун барча яқинларининг вабодан кўз юмганлигини билмайди. Бу дунёда якка-ёлғиз қолганидан бехабар у. Орзу уммонида сархуш сузади...

Асадулла Когон бекатида Шуваловни кўриб чеҳраси очилди. Когонда уларни тантанали суратда кутиб олдилар. Бундан Хмарин ҳам, бошқалар ҳам ҳайрон эдилар.
— Мен бу ерга шунинг учун барвақт келдим-да, — деди Шувалов, уларга изоҳ бериб.
— Фақат бунинг учун эмасдир? — деди Ушинский.
— Буёғини суриштирманг. Ижозат берсаларинг, ўртоқ Мираъламовни бир-икки соатга олиб кетсам.
— Ўртоқ Шувалов, — Ушинский шундай деб уни қўлтиғидан олиб, четга бошлади, — сизнинг сирли ҳаракатларингиз менга ёқмаяти. Болшевиклар орасида сир бўлмаслиги керак. Сафар натижаси ўзаро ишончга ҳам боғлиқ. Дўстингиз Мираъламов кела-келгунча менга ишонч ҳақида гапириб келдилар.

Шувалов бу пичингдан ғаши келса ҳам ўзини тушунмаганга олди.
— Вениамин Самойлович, — деди мулойим оҳангда, — бизнинг ҳозирги ишимиз сафарга алоқадор эмас. ЧКни қизиқтирган ишни овоза қилишга ҳаққим йўқ. Энди келишиб олайлик: бундан кейин ҳамма ўз иши билан машғул бўлсин.
— Э, йўқ, азизим бу анархияга йўл қўя олмайман. Ҳар бир иш коллектив ҳал қилинади. Марказкомнинг топшириғига кўра, сафар чоғида фирқа гуруҳига мен раҳбарлик қиламан. Шунинг учун, ўртоқ Шувалов, ўзбошимчалик қилишни ўйламанг.

Бу гаплардан Шуваловнинг хамири ачигандан ачиди: «Мираъламович тўғри айтган экан, бу одам билан ҳамтовоқ бўлгандан кўра девонанинг муштини еган афзалроқ...»
— Вениамин Самойлович, менга бошқа гапингиз йўқми? Мен ҳозир муҳим иш билан бандман, Мираъламович менга ёрдам бериши керак. Хайр, сиз билан кечқурун кўришамиз.

Шуваловнинг ҳарбийчасига шартта гапни узиши Ушинскийнинг эътирозига ўрин қолдирмади.
— Соғинтирган дўстларинг билан учрашишга ҳушинг қалай? — деди Шувалов, извошга, Асадулланинг ёнига ўтириб.
— Ким экан?
— «Уламо»чиларнинг қолган-қутганларидан бири. Сен Ҳасанхон ҳазрат деган одамни билармидинг?
— Ҳа. Қўқон воқеасидан сўнг изсиз йўқолган эди. Бировлар ўлдига чиқарди, бировлар хорижга кетган деди.
— Ўлмаган бу ҳазрат, тирик. Афғонистонга кетаётган экан. Буёққа шошилганимнинг сабаби ҳам шу. Афсус, катта балиқ тўрга илинмади. Майдароқларини ушладик. Биттаси сени танир экан. Сени ўлимдан қутқарганмиш.
— Ким? Талъат мақсум эмасми?
— Ҳа. Гапи ростми?

Асадулла кулимсиради.
— Рост, тавба қилишга ундаган.
— Энди ўзи тавба қиляпти, ишонса бўладими?
— Тулкининг тавбасидан, муғамбирнинг навҳасидан қўрқиш керак. Яна ким билади, балки чиндан ҳам тавбасига таянгандир?
— Ҳозир шу одам билан гаплашасан. Ҳазратнинг қаердалигини айтсин.

Талъат мақсум билан Асадулла саккизинчи йилда танишган эди. Жадидлар сафига қўшилган бу йигит давраларда маориф ҳақида кўп гапирарди. Ана шу сергаплиги туфайли ҳам Асадуллада нохуш таассурот қолдирганди. Асадулланинг ўзи камгап, сермулоҳаза бўлгани сабаблими, кўп гапирадиганларни унча хушламасди. «Кўп гапирадиганлар амалда кам иш қиладилар», деб ҳисоблар эди. Ўшанда ҳам Талъат мақсум маориф ҳақида кўп гапирар эди-ю, аммо янги мактаб очиш ёхуд очилганларида ишлашни ўйламасди.

Ўн еттинчи йилда сургундан қайтган Асадулла ўзини яна маориф ишига урган эди.

Баҳор адоқлай бошлаган паллада одамлар Шайҳонтаҳурга оқди. Мардикордан қутулиб келганлар шу ерга тўпландилар. Оломон қалқиб турган замон эди. Сиёсатни тўла англаб етмаган аҳолини ҳар ким ўз маслаги томон оғдириш йўлида бўларди. Демакки, бундай йиғинларда каттаю кичик фирқа, тўда, жамиятлар енг шимариб, майдонга тушарди. Кимки халқ дилидагисини топса — марра ўшаники.

Бу йиғин хабарини эшитган Асадулла ҳам бошқа дўстлари қатори ота маҳалласига келган эди. Нотиқлардан бири Керенскийни алқай бошлади. Худодан ўрис аскарларига ғалаба тилади.

Бу азамат нотиқ беш-олти ой муқаддам «подшо император аъзам Николай ҳазратлари»га узоқ умр тилагандир. Замон ўзгарди-ю, дуонинг мазмунини ҳам ўзгартириб қўя қолибди. «Икки-уч йил ватандан узоқда, хорликда, ит азобида меҳнат қилган, қанча ёронларини ўрмонлар, ботқоқлар бағрига дафн этиб, кўзларидан ёш эмас, қон оққан, муҳориба нима эканини билиб қайтган одамлар энди Худога нола қилиб, Керенскийга ғалаба тилашармикин? Муҳори банинг давом этуви бошдаги кулфат тошларининг кўпайишига олиб келишини халқ англамайди, деб ўйлайдиларми улар?»

Асадулла шу ғазабнок фикрлар чангалида турганида кимдир билагидан ушлади. Ёнига ўгирилиб кўрдики, эски танишларидан бири — Талъат мақсум. Бўйдор, елкадор бу йигит қорин қўйиб янада басавлат бўлибди. Дарвоқе, тўрт йил олдин у келишган йигит эди, энди катта киши келбатида. Бурнига қўндирилган тўгарак кўзойнаги катта юзига ярашмабди.
— Асадулла афандим, сизни кўрар кун бор экан-ку, а? — деди у паст овозда.

Асадулла сургундан қайтганидан кейин уларни кўришга ошиқмаган эди. Талъат мақсумнинг бу гапини гина ўрнида қабул қилиб, ўзини сал ноқулай сезди.
— Ватанга қайтиб, роҳатда бўларман, десам, Тошкандни дошқозонга айлантириб, тагига ўт қўйиб қайнатиб юборибсиз-ку, — деди у гапни ҳазилга буриб.
— Ўт қўймасак, ош пишмаяпти, — деди Талъат мақсум, тагдор қилиб.
— Жадидларимизнинг вазифалари нима: гўлаҳликми, ўтин келтиришми ё ҳайбаракаллачиликми?
— Жадидлар йўқ энди, «Шўрои исломия» бор.

Асадулла бир зум ўйланиб қолди.
— Демак, жадидларнинг бари...
— Ҳаммаси эмас, юрагида юрт туйғуси қолганлари. Бошқалари ўзга йўлларда.
— Шундай бўлиши тайин эди. Ягона маслаксиз бирлашув — қоғозни тупук билан ёпиштиришдай гап. Буни энди тушунгандирсиз?
— Асадулла афанди, энди маслак бор, аниқ йўл мавжуд. Сиздай одамлар раҳнамо бўлмоқлари керак.
— «Шўрои исломия»гами? Раҳнамолари бор шекилли? — Асадулла шундай деб минбарга имо қилди.
— Сизнинг келганингизни Қори акамдан эшитувдим, — деди Талъат мақсум, Асадулланинг киноясига парво қилмай. — Сиз билан учрашиш ниятлари бор экан.
— Сабабини биларсиз?

Талъат мақсум айёрона жилмайди:
— Биламан. Жамиятимизга газит керак. Бу ишда сизнинг олдингизга тушадигани йўқ. Бокуга бориб, арабча ҳарфлар олиб келиб, газит чиқарганларингиз эсимизда.

Ватан меҳри агар бўлса дилингда ишқ савдоси,

Отил, нури озодлиққа, ўзингни мисли Фарҳод эт... —

деган сатрларни ҳам унутганимиз йўқ. Фарҳодликдан юз ўгирмагандирсиз?
— Юз ўгирганимча йўқ... Аммо мақсум, байтни ўзингизга маъқул тарзда ёдлаш одатингиз чакки. Хотирим фаромушлик қилмаса, мен «нури озодлик» эмас, «нури маорифға» деб эдим шекилли?
— Аммо маориф — озодлик йўли, шундай эмасми? — Талъат мақсум Асадулладан жавоб кутмай давом этди. — Қори акамнинг уйларини биласиз, а, эртага кутишсинми?

Асадулла шартта рад жавобини бермоқчи эди. Бироқ нимадир ушлаб қолди. Ўша «нимадир»ни кейин ҳам кўп ўйлади. Лекин англашга қурби етмади. «Шўрои исломия» газетидан ўз мақсадида фойдаланмоқчи эди, дейилса, ўша онда бундай фикр уйғонмаган эди. Бу фикр оқшомда, деподаги ўртоқлари билан маслаҳатлашганда юзага чиққан эди. Жадид ошнасининг юзидан ўтолмади, дейилса — кулгили ҳол.

Қўштутдаги бу уйда Асадулла илгари бир неча марта бўлган. У Талъат мақсум етказган таклифни қабул қилгандан кейин бу уйда қандай кутиб олинишини кўп ўйлади. Турли таҳминлар қилди.

Буларга газетачи муҳаррир лозим экан, Тошкентда газетачи камми, қалам аҳлига қаҳат келибдими? Нима сабабдан Асадулла Мираъламга харидор бўлиб қолишди? Бир пайтлар жадидлар сафида бўлгани учунми? Маориф учун жон куйдиргани, муаллимлар орасида обрўйи баландлиги учунми? Бокудан арабча ҳарфлар олиб келиб, газит чиқарганини унутишмаган эмиш. Унда «Шуҳрат» газетасининг яширин темир йўл инқилобий қўмиталар билан, Оренбургда яширин чиқадиган «Солдат» деган русча газета билан алоқада бўлгани, бу фаолиятининг охир-оқибати нима билан тугагани ҳам ёдларидан кўтарилмагандир?

Қўштутни қоралаб йўлга чиққан Асадулланинг хаёли шу ўйлар, гумонлар билан банд эди. У йўл-йўлакай дўсти Мирмуҳсинникига кириб, маслаҳатлашди. Шу сабабли ҳам Мунаввар қориникига кечикиб келди.
— Сургун деган офатдан қутулиб келганингиз муборак бўлсин, — деди Мунаввар қори унга қучоқ очиб. Яратганинг ишига баъзан тушунмай қоламан. Сиздай донишманд одамга шу азобни раво кўрса-я!..
— Арининг заҳрини чекмаган болнинг қадрини билмас экан. Сургун баҳона Ватан, озодлик қадрига етдик.
— Кўрганингиз шу бўлсин, қани, тўрга марҳамат.

Асадулла бу такаллуфни инкор этмади.
— Жадидликни ўзингизга номуносиб кўрганингиздан сўнг, сафимизда парокандалик бўлди, хабарингиз бор, кўп фозиллар ўзга йўл тутдилар. Валлоҳи, бу ҳаракатларнинг барчаси чакки, — деди Мунаввар қори. — Негаки, сиз Ўрда бўйига Мирободдан келасиз, мен эсам Шайхонтаҳурдан. Йўлимиз бўлак, аммо маррамиз бир.
— Қирғоғимиз-чи?
— Гап қирғоқда эмас. Энг муҳими ичадиган сувимиз бир. Яъни сиз ҳам миллат дейсиз, биз ҳам. Сизниг:

«Маризинг бир тарафдан, бир тарафдан хорсан — миллат!

Бадандан доимо қон олдурар беморсан — миллат!» —

даган сатрларингизни унутганимизча йўқ. Энди беморни даволаш вақти етди.
— Миллатни жоҳил уламолар иштирокида даволамоқчимисиз?
— «Шўрои исломия» — жоҳил уламолар тўдаси эмас. Бунда маърифат деб жон куйдирувчи дўстларингиз ҳам бор, тижорат аҳли, катта-кичик сармоя эгалари, зиё истагидаги муллалар...
— Мулларларнинг зиё исташини билмаган эканман.
— Ҳаммани бир қаричдан ўлчашингиз чакки. Жоҳил муллаларга менинг ҳам тоб-тоқатим йўқ, биласиз.

Мунаввар қори «Шўрои исломия»нинг мақсадини тушунтира кетди. Асадулланинг зийрак фаҳми унинг баёнидан кўп нарсани илғаб олди. «Ммаслаксиз тўда», деб янглишибман. Қадамни катта олмоқчи булар. Учрашганим яхши бўлибди». Асадулла шу қарорга келиб, ҳамкорлик қилишга розилик берди.

Сармоя бўлса газетани чиқариш осон экан. Асадулла ортиқча уринишсиз иш бошлади. Мирмуҳсин сўзида турди: «Икки тарихий воқеа» деган каттагина мақола ёзиб берди. Подшо ағдарилганини айтиб туриб, дин аҳли жоҳиллигини фош этиб, «Шарҳи мулла»ни ёқишга ундаган бу мақолани Асадулла ҳеч бир тап тортмай босмага берди.

Газета чиққан куни идорасига тўртта чапани йигит кириб, ура-ура уни извошга олиб чиқди. Кейин ўзини зах ертўлада кўрди. Мақоладан баъзиланинг норизо бўлишини кутган эди. Аммо бу ҳолга тушарман, чапаниларнинг муштини еб, ертўлага ташланарман, деб ўйламаган эди. Бақамти келганимда норизоларга тушунтирарман, деб баҳона тайёрлаб қўйган эди. Энди уни кимга айтади? Унинг сўзларини тинглашармикин? Умуман, бу ердан тирик чиқармикин? Оиласи ҳам, деподаги ўртоқлари ҳам энди уни изсиз йўқотишди. Эрталаб идорага кетяпман, деб чиққан. Бошқа гапни билишмайди. Деподаги инқилобий қўмита диндорларга даъво қилиши мумкин. Лекин, булар «биз ҳам йўқотиб қўйдик, ўзимиз ҳам гарангмиз», дейишса-чи?

Асадулла хаёлан минг кўчага кириб чиқди, аммо ёруғлик йўлини топмади. Бирдан Мирмуҳсинни эслади: унинг аҳволи нима кечди экан? Унга зуғум қилишмадимикин? Мақолада номини яшириб, тахаллус билан чиқарса бўларкан, шу иши хом бўлибди.

Асадулланинг суяклари заҳдан зирқираётган дамда Себзор аҳли эшакка тескари миндирилган, юзига қора чапланган одамни томоша қиларди. Ғуломхон қозига рўпара қилинганида ҳам шаккокнинг тавба ўрнига: «Шарҳи мулла»ни ёқинг, одамлар», деб ҳайқириш, уларга ажаб туюлди.

Асадулла бу воқеадан бехабар, дўстининг тақдиридан хавотирда эди.

У ертўлада қанча ўтирганини билмади. Мўлжали бўйича кунни ҳам, тунни ҳам ўтқазди. Умидлари аста сўна бошлаганда ертўла эшиги очилиб, зинада одам қораси кўринди. Асадулла то Талъат мақсум тушиб, овоз бермагунча уни танимади.

... Асадулла Шуваловнинг ёнида ўтириб, шуларни хаёлидан ўтқазди.

Когон турмасидаги тор, зах хонада Талъат мақсум ёлғиз эди. Темир панжара билан тўсилган туйнукдан ёпирилган нур хонани ожиз ёритиб турарди. Талъат мақсум эшик оғзида пайдо бўлган Асадуллани кўрди-ю, ҳаяжондан ўрнидан туриб кетди. Қучоқ очиб, унга пешвоз юрди.
— Маҳбус, жойингизга ўтиринг!

Соқчининг дағал товуши уни тўхтатди.
— Асадулла афанди, сиз мени яхши биласиз, маслакдош эдик, мен жиноятчи эмасман, муаллимман, айтинг уларга.
— Муаллимлигингизни кеч, жуда-жуда кеч эслабсиз, Талъат мақсум.
— Гапирманг, Асадулла афанди, гапирманг, бошим тарс ёрилиб кетади ҳозир. Истасангиз ялинай, истасангиз оёғингизга бош урай, тавбамни етказинг уларга, Тошкандимизга қайтаришсин, маориф ишидан бўлак юмушларга бош суқмайман. Маорифдан ўзгасини ўйласам, каломулло урсин! Хизматингиз эвазига бир сир айтаман сизга.
— Айтинг.
— Аввал ваъда беринг.
— Мақсум, савдолашмайлик, айтгингиз бўлса айтинг, бўлмаса йўқ.

У иккиланиб ўйга толди. Ниҳоят, бир қарорга келиб, тилга кирди:
— Ваколангизда ғайри фикрли одамлар бор.
— Ким?
— Икки кишилиги маълум менга, аммо номларини билмайман.
— Мақсадлари?
— Ваколангиз Кобулга етиб бормаслиги керак.
— Бизнинг айнан шу кунларда йўлга чиқувимизни қаердан билдиларинг?
— Ўша одамлардан.
— Сиз ўзингиз нима қилиб юрибсиз, бу ерларда?
— Манзилимиз Бухоро эди.
— Шугинами?
— ...

  

— Яширманг, Талъат мақсум. Сиз Бухорони зиёрат қилгали келмагансиз. Ҳазрат қани?
— Ҳазратни кўрмадим. У бошқа, биз бошқа йўл билан боришимиз керак эди.
— Нима учун?
— Нима учун бўларди, сизларни чалғитиш учун-да.
— Сизнинг вазифангиз нима эди?
— Биз Туркистоннинг кофирлар зулмидан азоб чекаётганига кафолат беришимиз лозим эди.
— Кимга?
— Афғон амирига... Истасангиз, яна бир сир айтай сизга... Уйингизни Муҳиддин деган йигит ёққан.

Бу гапни эшитиб, Асадулла узоқ ўй сурди, сўнг ижарага бошпана сўраган йигитни эслади: «Юзида чандиғи бор эди шекилли?»
— Ўша одамнинг юзида чандиғи бор эди-а? — деб сўради Асадулла. — Шундайми, а?..
— Ҳа, бор, уни танийсизми?
— Танийман... — Асадулланинг боши қизиб, кўкрагида санчиқ турди, қўл-оёғи дармонсизланди. Пича ўтгач, чуқур нафас олиб, оғриқдан бир оз ҳоли бўлди.
— У «Уламо»нинг ўша ҳукмини бажармоқчи бўлган, бахтингиз бор экан, қутулиб қолибсиз.

«Бахтингиз бор экан?..» Асадулла бу гапни эшитиб, додлаб юборай деди. Бахти бор эканми? Бу бахтнинг нима кераги бор унга? «Уламо»нинг ҳукмини ижро қилибдими у иблис? О, билганда эди, уларнинг бу қадар разилликларини, бу қадар ваҳшийликларини билганда эди. «Оллоҳга шак келтирган Асадулла Мираъламнинг жазоси — ўлим», деб ҳукм қилганларида тўғри бориб кундага бошини қўйиб бермасмиди?

Ҳозир ғазабга, хотиралар оловига бериладиган пайт эмас эди. Асадулла чуқур-чуқур нафас олиб, ўзини босди.
— Талъат мақсум, сиз кўп нарсаларни биласиз, аммо айтгингиз йўқ. Сўроқ қилувчи ўртоққа яширмай айтинг ҳаммасини. Бўлиб ўтган ишлардан ҳам, режадагиларни ҳам. Мен сиз билан узоқ қола олмайман.
— Ваъдангизда турасизми, мени Тошкандимизга қўйиб юборишадими?
— Талъат мақсум, мен уларга кафолат бераман. Жиноятлардаги улушларингизга қараб, ажрим қилишади.
— Бу — ноҳақлик! Сиз ўч оляпсиз!
— Мақсум! — Асадулла бақириб юборганини ўзи ҳам билмай қолди. Эшик очилиб, соқчи кўринди. Асадулла, баданига титроқ югурган бўлса ҳам ўзини босиб гапирди: — Талъат мақсум, биргина менинг уйим куйган бўлса майлига эди. Бир қаранг атрофингизга, қанча-қанча ёзиқсиз мазлумларнинг уйи куйди экан. Уялинг, шундай дейишга, — Асадулла шарт бурилиб, даҳлизга чиқди.

Асадулла Шуваловнинг ёнига кириб, бўлган гапларни айтди.
— Икки одам бор эканми? Ким бўлиши мумкин? — деди Шувалов.
— Бири Ирисов, бунга шубҳам йўқ.
— У... Тошкентда қолмадими?
— Биз билан қайтяпти.
— Тошкентда ҳеч ким билан учрашмаган. Ўртоқлар кузатишди. Қизиқ... нимага қайтяпти?
— Афғонлар ҳали-бери йўлга чиқишмайди. Шунинг учундир?
— Бўлса бордир. Лекин сен билан бирга қайтиши... «Мен Ирисов эмасман, билиб қўй, мен сен билан биргаман, сендан қўрқмайман», деганими ё? Демак, азизим, йўлда зерикмас эканмиз. Хў-ўш, иккинчиси ким?
— Шунга бошим қотди?
— Ушинскийми?
— Ундан нимага шубҳаланяпсиз?
— Ҳамма нарсадан хабардор бўлишим керак, деяпти-ку? Ё Хмаринми? У биз учун синалмаган одам. Балки муҳожирдир?
— Мендан шубҳангиз йўқми, Виталий Сергеевич?
— Пичинг қилма, Мираъламов, иккита одамдан биттасини топишимиз шарт.
— Балки иккита деб чалғитгандир?
— Йўқ. Агар вакола Кобулга етиб бормаслиги керак, деган вазифа қўйилган бўлса, битта одамга суянилмайди. Уч-тўрттага ишонаман-ку, аммо битта одам қўйилишига ишонмайман. Мақсадлари фақат бизнинг сафаримизга тўсқинлик қилиш эмас, амирни қайрашмоқчи. Икки амир бир бўлиб урушга киришса, жанубимизда ҳам ҳаловат йўқолади. Бу узоқни кўзлаган ҳарбий тактика! Бу ишни ҳазратга ўхшаган битта-иккита одам қилмайди. Уларнинг орқасида бошқа кучлар бор.

Поезд эрталаб белгиланган вақтда йўлга чиқмади. Кеча оқшом Саид Олимхон мулозимлари келиб, афғонларни амир қароргоҳига чорлаб олиб кетган эди. Афғонлар кун ёйилганда қайтдилар. Саид Ғаффорбек Мирза Қандилхон ёнида виқор билан юриб келди-да, Асадуллага мулойим салом бериб, афғонларга ажратилган қўшни вагонга чиқди.

Avvalgi
I- qism