OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифТоҳир Малик
Асар номиСавоҳил (II- қисм)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Тоҳир Малик
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Қиссалар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм408KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2011/07/22
Манбаhttp://forum.ziyouz.com/ind...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Савоҳил (II- қисм)
Тоҳир Малик

Иккинчи қисм - Дийдор Йўли

Иккинчи боб - Умид юлдузи

1

Лорд Челмсфорд Вазиристондан келган хабардан бутунлай гангиб қолди. Ўтган куни шимоли-ғарб чегара вилоятидан олинган нома қабила бошлиқларини ҳеч қандай пулга сотиб олиш мумкин эмаслигини билдирган эди. «Бу — Шимолий Ҳиндистондаги аҳвол чатоқ, деган гап, — деб ўйлади Челмсфорд. — Бош штабнинг бугунги ахбороти эса Кобулнинг ҳали-бери таслим бўлмаслигини аниқ қилиб қўйди. Генерал Нодирхоннинг қўшини ўтган ҳафтада Сулаймонтоғда ғойиб бўлган эди. Тал шаҳри остонасида қўққис чиқиб қолгани нимаси? Яна замбараклари билан! Бош штабнинг хабарига ишонсам, афғонлар харитада белгиланмаган йўллар билан келишган. Бу қанақаси?! Харитада белгиланмаган йўллар яна бордир балки. Уларнинг бири Симлага — Бош штабга олиб келмайдими? Яна бири Деҳлига бошлар...»

Челмсфорд бош штабдан келган номани йиртиб ташлади. Қўнғироқ тугмасини босиб, Гамилтон Грантни чақиртирди.

Ўн еттинчи йилнинг адоғида Челмсфорд Лондондан телеграмма олган эди: «Биз болшевикларнинг ғоят хавфли варақасидан хабар топдик. Рус ҳукуматининг Россия ва Шарқ мусулмонларига, айниқса, Эрон ва Ҳиндистон халқларига мурожаати бизни хавотирга солди. У мумкин қадар узоқ вақт қўл остимиздаги халқлар учун сир тутулмоғи шарт». Орадан кўп ўтмай ноиб-қирол ўша «ғоят хавфли варақа» билан ҳам танишди: «Энди жим турмоқ мумкин эмас. Вақтни бой бермай, мутелик занжиридан қутулингиз, мустабидларни маҳв этингиз. Табаррук тупроқларингизнинг золимлар оёғи остида топталишига йўл қўймангиз! Ўз юртингизга ўзингиз эгалик қилингиз! Ўз хоҳишингизга кўра ҳаёт кечиришга ҳаққингиз бор. Тақдирингиз ўз қўлингизда!..»

Лорд Челмсфорд ҳозир шуни эслади. Аниқроғи, бу хавфли чақириқларни ҳали унутганича йўқ. Ҳиндистоннинг қаерида ғалаён кўтарилса бот-бот эслайди. Майда ғалаёнлар тобора йириклашиб, мана энди субсидияга қаноат қилаётган «чивиндай мамлакат» катта ғавғолар бошлади. Бу охир-оқибат Челмсфордни Ҳиндистонда қолиш ё қолмаслигига таъсир ўтказмаса эди. «Қай масалани ҳал этишда янглишдим? Ҳабибуллохонни ўлдирилишидами? Болшевикларнинг варақалари бу ерга қандай етиб келди?»

Челмсфорд нотинчлик боисини халқнинг тўлиб-тошган сабр-косасидан изламас эди. Зеро, эзилган фуқаронинг дарди унга бегона, мазлумнинг ноласи эса тушунуксиз эди. Шунинг учун ҳам у вазиятга тўғри баҳо бериш қудратидан маҳрум эди.

Гамилтон Грант кириб келганда ҳам у ҳали хаёллар домида эди.
— Орадан ой ўтяпти, — деди ноиб-қирол, унга бир қараб олиб. — Бир ҳафталик уруш деб ишонтирган эдинглар.

Гамилтоннинг тили гапга келмай, елка қисди.
— Генерал Юстеснинг ҳоли танг. Тални ушлаб қололмайдиганга ўхшайди.
— Тўхтатиш керак.
— Кимни, афғонларними? — деди Челмсфорд овозини баландлатиб.
— Урушни... урушни тўхтатиш керак.

Челмсфорд одамни таҳликага солиши мумкин бўлган ўткир нигоҳини Гамилтонга қадади.
— Кейин-чи?
— Афғонларнинг ўйлаб кўришига фурсат берамиз. Бизнинг ёрдамимизсиз улар узоққа боришолмайди.
— Россиянинг ёрдами-чи?
— Россия ёрдам бериш қудратига эга бўлгунча мамлакатнинг силласи қурийди. Омонуллохон тавбасига таянади. Шу урушнинг ўзиёқ уни ночор аҳволга солиб қўйди. Маълумотларга қараганда саройдаги айрим қимматбаҳо моллар сотилган. Руҳонийлар урушдан норози. Бу катта гап. Бухоро амири бу тентак Омонуллохонга таъсирини ўтказа олади, деб ўйлайман. Бухоро Қизил Туркистонга уруш очиши билан Афғонистон ўз-ўзидан жиҳодга қўшилади. Туркистон ерлари ҳисобига мулкни кенгайтиришдан қайтадиган амир ҳали дунёга келмаган. Ҳатто Ҳабибуллохон ҳам шунақа умидда эди.
— Янглишмасам, Ҳабибуллохоннинг Ҳиндистонга ҳам иштаҳаси бор эди, а?
— Ҳабибуллохон аҳмоқ, хомхаёл эди.
— Гамилтон, бас қилинг, — деди Челмсфорд жаҳл билан, — бу сафсата, бу хом режаларга ҳатто ўзингиз ҳам ишонмайсиз. Тошкентдан янгилик борми?
— Бор, сер. Омонуллохоннинг элчилари Тошкентда тўхтаб қолганлар. Тошкент — Москва йўли берк... Лекин... Москва Лениннинг Омонуллохонга жавоб мактубини очиқ матн билан Тошкентга берган. Кобулга қандай етказилиши сир.
— Русларнинг элчиси-чи?
— Йўлга чиқишган. Элчи — Хмарин. Эронда бир тасодиф билан омон қолган эди.
— Ана, кўрдингизми? Эронда тасодиф билан омон қолган. Бир тасодиф билан йўлга чиқди. Яна бир тасодиф билан Кобулга етиб келади. Кейин қарабсизки, дипломатик алоқа ўрнатилиб, шартномалар имзоланиб турибди!
— Сер, улар ҳали Кобулга етиб келишгани йўқ. Биз ҳаммасини аниқ режалаштирганмиз.
— Гамилтон, улар чегарадан ўтган куни бу ердан қорангиз ўчади.

Гамилтон бош эгди.
— Хотиржам бўлинг, сер, биз ҳали сиз билан бирга кўп ишлаймиз.

Челмсфорд унинг бу сурбетлигидан ғаши келиб, «боринг», дегандай қўл силтади. Гамилтон енгил таъзим қилиб чиқиб кетди.

Ўша куни Челмсфорд Бош штабга буйруқ жўнатди. Бир ой давом этган уруш Буюк Британия учун самарасиз барҳам топди.

2

Ташвишни ботмонлаб берган, фурсати келганда шодликни ҳам қўша-қўша бераркан.

Бир ой мобайнида юртни босиб турган рутубат кўтарилиб, ҳеч кутилмаганда қуёш кўринди.

Бомдоддан сўнг боққа чиққан Омонуллохоннинг кўнгли равшан тортди. Назарида Кобулда ҳеч маҳал бугунгидай беозор тонг отмаган эди. Осмон тиниқлиги шу бугунгидай бокира, қушлар чуғури шу бугунгидай сержаранг, барглар шивири шу бугунгидай ҳузурбахш бўлмаган эди. Бу тонг унга узоқ хасталикдан фориғ бўлиб, кўзи чарақлаб очилган киши қувончини насиб этди.

Аввал сардор Нодирхоннинг сарҳадни кечиб ўтиб, инглисларни ғафлатда босгани ҳақидаги хабардан кўнгли ёз бўлди. Отасининг ўлимида унинг ҳам айби муқаррар деб бир неча кун ҳибсда ушлаб турганига, сардор салорлик унвонидан маҳрум қилганига пушаймон еди. Вақтида инсоф бериб, сардорни озод этгани, унга қанот қўшинни ишониб топширганидан бир нав қувониб, Халлоқи оламга шукрлар айтди. Кеча оқшом эса барқи ибтило1 барҳам топгани, инглислар муҳорибани бас қилгани ҳақидаги хушхабар бағри-дилини ёритиб юборди. Қоронғилик элчиси бўлмиш оқшом юртнинг қуёшли кунлари бошлангани ҳақида хабар келтирди.

«Жаннатмакон падарим то сўнгги нафасига қадар журъат қилолмади. Ҳазор-ҳазор лашкари бўлгани билан инглиснинг аҳволи бу экан. Бир ойлик зарбамиздан ҳайиқди. Буюк Афғонистоннинг озодлигига энди ким шак келтира олади? Ҳеч ким!» Амир хаёлига келган бу гапдан кулимсираб қўйди.

Орқа томонда оёқ шарпаси келиб, амир шарт ўгирилди.
— Амир соҳиб, хушхабар олдик, — деди Тарзи унга яқинлашиб.
— Лашкаримиз Симлага етибдими? — деди амир ҳазил оҳангида.
— Бундан ҳам аъло хушхабар, амир соҳиб. Ўрусия пойтахтидан жавобнома етиб келди. — Тарзи шундай деб қўлидаги қоғозни узатди.
— Ўқинг, — деди амир номани қўлига олмай.

Тарзи бурнига кўзойнагини қўндириб, ўқишга тутинди:

«Афғонистон амири амир Омонуллохонга.

Озод ва мустақил афғон миллати номидан рус халқига салом йўллаб ёзилган ҳамда сиз, ҳазрат олийларининг тахтга ўтирганингиз хабар қилинган илк мактубни олиб, ишчи-деҳқон ҳукумати ва бутун рус халқи номидан ўз озодлигини хорижий мустабидлардан қаҳрамонона ҳимоя этган мустақил афғон халқига шошилинч жавоб саломини йўллаймиз. Сиз, ҳазрат олийларини, 1919 йил 21 февралда тахтга ўтирувингиз муносабати ила муборакбод этамиз...

... Мазкур саломномани афғон халқига йўллар эканмиз, ўзимизни беҳад бахтли ҳисоблаб, сиз ҳазрат олийларидан халқингиз дўстларининг дўстона таъзимини қабул қилишингизни сўраймиз.

Москва шаҳрида 1919 йилнинг 27 май куни ёзилди».

Тарзи қоғоздан кўзини олиб, амирга қаради. Омонуллохоннинг нигоҳи узоққа, пойтахт этаги бориб туташган уфқда эди. У эшитганларини бир-бир хаёлида такрорлаб, мушоҳадага берилди. Тарзи ундан садо чиқишини анча кутди.
— Шўрави Руси бизга бағрини самимий тарзда очгани рост бўлса, энди бу юрт орқали Оврупонинг барча ерларига борувимиз мумкин. Мустақил Афғонистон йўллари очилди.

Амир Россиянинг ғарбидаги давлатлар билан ҳали-бери тил топиша олмаслигини ҳозир, шу топда хаёлига келтира олмас эди. Унинг фикрича, Афғонистоннинг ягона душмани — Инглистон, қолган мамлакатлар эса улар билан бажонидил дўст тутинадилар. Омонуллохон аччиқ ҳақиқат билан кейинроқ, йил оёқлаганда, РСФСР Ташқи ишлар халқ нозири Чичериндан нома олиб, ғарбдаги мамлакатлар Муҳаммад Валихоннинг сафарига монелик билдирганларидан хабар топганида юзма-юз келади. Ҳозир эса бу нохушликлардан анча берида, дастлабки қувончли хабар оғушида некбин режалар тузади.
— Хушхабар фақат шугина эмас, амир соҳиб. Чопара мухтор вазиримизнинг Тошкентга етганини ҳам хабар қилди. Тошкентда Кобулга қараб Шўрави Руси ваколасининг йўлга чиқишига ҳаракат бор эмиш.
— Нур алан-нур. Шимолдаги ноибларга фармон жўнатинг, сафорат ишлари билан келмиш Шўрави Руси аъёнларига афғон халқининг энг азиз меҳмонлари қаторида иззат кўрсатилсин. Зиён-заҳматсиз етиб келувлари учун жавобгардир улар.

Амир бир-икки қадам юриб, яна тўхтади.
— Падарим Ўрусиянинг ниятини билмоқ истагида эди, — деди ўйчан оҳангда. — Арқонни узун ташлади, беҳад узун ташлаб юборди. Бу фақат Инглистонга наф берди, катта наф берди. Энди надоматдан не фойда? Камолни ўйламоқ вақти етди. Энди тижорат ишларини йўлга қўймоқни мулоҳаза қилиш даркор. Оврупо билан бўлажак тижорат ишларини афғон савдогарлари қўлига бермоқ лозим. Ибрийлар, тожиклар, ўзбеклар тижоратда афғонларни сиқиб қўйишлари барҳам топмоғи шарт. Афғон тижорат аҳли бунга қодирми?
— Шак-шубҳасиз, «Семмар» тижорат жамияти — қанд, қуруқ мева бўйича, «Омоние» — тери, «Биродарони афғон» атторлик, газмол бўйича мустақил иш юритишлари мумкин.
— Бу кифоя эмас. Бу баҳр юзига томган шабнам, холос. Яхши қўшнига эга бўлган юрт бунга кифоя қила олмайди.

Амир шундай деб боғдан чиқди. Иккинчи қаватга кўтарилиб, мукаммал бежалган сербар хонасига кирди-да, юмшоқ ўриндиққа ўтириб, қайнотасига ёнидан жой кўрсатди.
— Оллоҳ кўнглимга яхши ният солди, — деди.
— Муборак бўлсин, - деди Тарзи.
— Мустақиллигимиз ҳамда муҳорибадаги ғалабамиз шарафига янги дорулсалтанат бино қиламиз. Унга... Дорул Омон деб ном берамиз. Бу истагимизни «Сирож ул ахбор»ингиз орқали фуқарога етказинг. Дарвоқе, — амир курси устидаги газетани қўлига олди, — қўшиқлар берибсиз, ўзингиз ёзганмисиз?

Амир жавоб кутмай ўқиди:

Инглислар уйларимиз хонавайрон айлади,
Юлдуз мисол тилло сочиб, тангу сарсон айлади.
Нияти қул қилмоқ эрди, бизни ҳайрон айлади,
Қон қусган юрт бўлди дўзах, ани макон айлади.
— Дуруст айтилган. Дўзахни макон айлаганлари рост.
— Амир соҳиб, бу қўшиқ фуқаро оғзида юрибди, мен тўқиганим йўқ. Шўрбозорда эшитиб, ёзиб олиб, менга келтирдилар.
— Доно одам тўқибди. Номи маълум бўлганда зарга ўрар эдим.
— Бу қўшиқ қалбнинг маҳсули. Бу қалб зарга эмас, озодликка муҳтож эди, етишди. Унга бундан улуғ мукофот даркор эмас.
— Шўрбозорда шундай қўшиқлар айтилар экан, юрт осойишталигидан кўнглим тўқ, — деди амир шодлигини яширмай.
— Кўнгилтўқликка ҳали фурсат бор. Қўшиқларни эшитмай, деб қулоқларини беркитиб оладиганлар ҳисобсиз ҳали.
— Биз бу қулоқларга қўрғошин қуямиз. Бунга қудратимиз етади, ҳа!

3

«
Bismillahir Rohmanir Rohiym.

Musulmon ahlining umidi, dinimiz peshvosi, piri rohimiz, umrlari uzun boʻlg‘ur piramandu donishimizga.
Ollohning inoyati ila yetib ma’lum boʻlsinkim, Toshkanddin pok niyat ila yoʻlga chiqg‘on Mirkomil hoji Buxoroi Sharifga ziyon-zahmatsiz yetib keldilar. Mirkomil hoji Buxoro amiri Said Olimxon birlan uzoq suhbat qurib, musulmonlarning jihodi akbarg‘a koʻtariluvida Buxoroi Sharif ila Afg‘oniston zimmasiga Olloh oliy sharaf yukini tashlaganini aytub ishontirdilar. Buxoro amiri Said Olimxon amir hazratning Afg‘oniston amiriga murojaati, yovgarchilikni bas qilub, Ingliston ila yarashmoq, Inglistondan yordam pullarini olmoq va shuning muvoziysida yov-yaroqlarga ega boʻlmoqni taklif etib yozgan nomai muboraklari chopar ila yoʻlga chiqdi. Buxoroi Sharifga Inglistonning yov-yaroqlari va oltmish dono a’yoni yetub keldi. Ular jihodi akbarimizda oʻz ulushlarini qoʻshish nitini bildirdilar. Shu bois Afg‘onistonning Inglistonga qarshi yarog‘ koʻtarmog‘i nojoizdur va amirning bunga amin boʻluviga sizning donish soʻzlaringiz lozimdur.
Kuni kecha qulog‘imizga yetib kelgan xabar Toshkanddan shoʻro vakolasi yoʻlga chiqqanini ma’lum qildi. Olloh ularning safarlarini barvaqt qaritgay. Agar tasodif boʻlib, shaytonu lain koʻmagida qoʻlimizdan chiqub, Kobulga yetishishsa, Pandin viloyati, Koʻshk, Karki, Tirmiz qal’alarini iltimos qilmoq kerak. Bu holda Oʻrusiya vakolasi kelishuvdan chekinadi. Bizga faqat fursat lozim. Omonulloxon Oʻrusiyaning doʻst boʻlmasligiga inongach, jihodi akbar fursati yetadi. Mazkur rejadan xabar topgan-topmaganingiz kaminaga noma’lum boʻlgani uchun yana qisqa bayon etmoqni lozim topdim. Mirkomil hoji bu sahar Karki sari yoʻlga chiqadilar. Mazori Sharifda bul zot Hasanxon hazrat bilan eson-omon koʻrishib, soʻng safarlarini birgalikda davom ettiradilar. Bul ikki e’tiborli zotning amir Omonulloxon ila muzokara yurituviga oʻzingiz koʻmak bergaysiz.

Duoyi bilonihoya va salomi mushtaqona addoyi muxlisingiz.
»

Қодир оға ҳазрат кўзларини юмди. «Бу қандай балолиғ бўлди? Инглистондек улуғ қудрат муҳорибани нечун бас қилди. Ярашни Омонуллохон таклиф этмаги ўрнига, улар паст келдилар. Омонуллохонни энди тизгинлаб бўлар эканми? Ўрусия ваколаси Кобулга етиб келган тақдирда бу шаккок зинҳор-базинҳор жиҳодга кўтарилмайди...»

Қодир оға ҳазрат хаёлига келган бу фикрдан ўзи ҳам сесканиб кетди. Беихтиёр қарсак чалди. Эшик оғзида ўспирин кўринди.
— Давот-қалам келтир, — деди ҳазрат.

Ўспирин айтилганни муҳайё қилиб чиқиб кетгач, ҳазрат хат бита бошлади:

«Бисмиллоҳир ар-раҳмонир ар-роҳийм...

Мазори Шарифнинг ноиби Вазир Адали ҳазрат ноибга дуойи салом.

Улуғ Афғонистонимизнинг азиз бошига ёғилаётган кулфатлар, ёғилажак мусибатлар муносабати ила сизга мурожаат қилмакни лозим топдим. Омонуллохоннинг тахтга ўтирувидан норизо эканингиздан бениҳоя қувондим, бу шижоатингиз ва донолигингиз эвазига Оллоҳнинг марҳаматига эришгайсиз. Омонуллохоннинг алданган сарбозлар қудрати ила тахтга эришгани Яратганга мақбул келмайди. Ҳаллоқ ўзига мақбул мўминга лозим кўради тахтни. Шукрким, юртнинг асл амири Насруллохон, амирзода Иноятуллохон сиҳатига зиён-заҳмат етмади. Уларнинг жони сақлаб қолинган экан, тахтнинг ҳам қайтариб берилуви муқаррардир. Тахт уларга раво кўрилмаган тақдирда, сиздек мусулмоншева ва хирадпешалар борки, юрт амирсиз қолмас.

Алқисса, худодот юртимиз тақдирига куйинмоқ вақти етди. Инглистоннинг муҳорибани бас қилғони юртга камол бермас, билъакс, мусибатларга рўбару қилар. Шул боис, Омонуллохон Инглистон ҳукуматига узрнома битиши жоиздирки, унинг бундай қилувига ишончим йўқ. Амир Ўрусия ила дўстлашмоқда, алар кўмагига умидвор. Бу умид ипларини қирқа олсак, Инглистон марҳаматига эришамиз, бу демак, Туркистон ерлари ҳисобига Афғонистон мулки кенгайиб, қудратига қудрат қўшилгуси, Амир номасининг Мазори Шариф орқали Тирмизга етказувлари сиздан ўтган хатоликдир. Сиз бунга йўл бермаслигингиз лозим эди. Менга етиб келган ахбор Ўрусия элчиларининг йўлга ҳозирланаётганларини маълум қилди. Вакола зинҳор Мазори Шарифга кирмаслиги даркор. Ўрусия ваколасидан илгари тупроғимизга Тошканддин табаррук зот қадам қўяди. Сизнинг қанотингиздаги яна бир олий зот ҳамроҳлигида у Мазори Шарифда узоқ қолмай, шошқич Кобулга етиб келуви шарт. Сизнинг хизматингиз, Яратганнинг инояти ила, иншооллоҳ, шундай бўлажак.

Шунинг билан биргаликда, ишончли мулозимларингизни дарёнинг у қирғоғига жўнатинг, улар Ўрусиянинг зулми, Афғонистоннинг муруввати ҳақида гап ёйсинлар. Авомни бунга ишонтира олсак, у ерларни Афғонистон мулкига қўшмоқ осон кечади.

Сиз билан худодот юртимизнинг омонли кунларида дийдор кўришмак насиб этишини Оллоҳдан илтижо этиб, дуойи жонингиз қилиб қолувчи пирингиз...»

Қодир оға ҳазрат номани яна бир қайта ўқиб, кўнгли хотиржам топгач, қарсак чалди.
— Акангни чақир, — деди у, остона ҳатлаб таъзим қилган ўспиринга.

Бир зумдан сўнг қорувли йигит кириб келди.
— Қаландарлар билан сафарга отлан. Мана бу номани Мазори Шарифга тезликда етказ. Бошинг кетса кетсин, номага ўзгалар назари тушмасин.

Учинчи боб - таҳликали кунлар

1

Асадулланинг ҳам, Шуваловнинг ҳам тундлашиб қолганини Ушинский сезди. Асадуллага бир-икки савол бериб, тайинли жавоб ололмагач, тоқати тоқ бўлди. Чоржўйга етишгач, Шуваловнинг: «Юкларни туширмай туринглар», деган гапини эшитиб, сабри чидамади.
— Ўртоқ Шувалов, нима гаплигини балки бизга тушунтириб берарсиз? — деди у истеҳзо билан.
— Тушунтириб бераман, Вениамин Самойлович, элчи билан маслаҳатлашиб олай-чи?
— Элчи билан биргаликда маслаҳатлашамиз.

Шувалов: «Бу қанақаси?» — деган савол назари билан Асадуллага қаради.
— Пайсалга солмайлик, — деди Асадулла, — тездан бир фикрга келиб олишимиз керак.

Учовлари олдинма-кейин Хмариннинг купесига кирдилар. Кийимларини жомадонга жойлаётган элчи бундан ҳайрон бўлди.
— Николай Захарович, — деди Шувалов, — сафарни қайси йўл билан давом эттиришни ўйлаб олишимиз керак.
— Нимасини ўйлаймиз, йўлимиз аниқ белгиланган. Бу ерда пароходга ўтирамиз, кейин Карки...
— Николай Захарович, мен фақат ҳарбий маслаҳатчи эмасман, балки шу сафар хавфсизлигини таъминлашга ҳам жавоб бераман. Шу сабабли белгиланган йўлни ўзгартиришни таклиф қиламан.
— Сабаб? — деди Хмарин ажабланиб.
— Ҳа, сабабини айтинг, — деди Ушинский орага суқилиб.

Шувалов йўл-йўлакай мулоҳаза юритиб, орада ғайри мақсадли одамлар борлигини айтмасликка қарор қилган, буларнинг шундай саволни ўртага қўйишларини ҳисобга олиб, жавобни ҳам тайин қилиб қўйган эди, шу сабабли каловланиб ўтирмади:
— Биз Бухоро амири ерларидан ўтиб боришимиз керак. Бунга амирнинг рухсатини олган бўлсак ҳам, йўлимиз хатарли. Кутилмаган ҳодисага дуч келишимиз мумкин. Биздаги маълумотларга қараганда, сафаримизни тўхтатишга қаратилган ҳаракатлар мавжуд. Улар бизни айнан шу Карки йўлида кутишлари мумкин. Чунки, биринчидан, бу энг яқин йўл, иккинчидан, юрар йўлимиз уларга маълум бўлиши керак.

  

— «Улар» деганингиз ким? — деди Ушинский. — Саид Олимхон одамларими?
— Кимлигини аниқ айтолмайман.
— Нимани таклиф қиласиз? — деди Хмарин ўйга толиб.
— Мари, Кўшк орқали Ҳиротга ўтиш керак. Бу йўл узоқ, шунинг учун бизни кутишмайди.
— Сафаримиз неча кун чўзилади шунда? — деди Ушинский норози оҳангда. — Йўқ, ўртоқ Шувалов, сиз ваҳимачи экансиз. Йўлда пистирма бўлса нима? Қуруқ қўл билан кетаётганимиз йўқ-ку? Ундан ташқари, «елчига ўлим йўқ», деган гап бор.
— Вениамин Самойлович, ҳозир бунақа қоидага амал қиладиган замон эмас.
— Баҳслашманглар. Мен ўйлаб кўраман, — деди Хмарин.
— Бу нима деганингиз? — деди Ушинский Хмаринга тикилиб.
— Тушунмадингизми? Ўйлаб кўриб, бир қарорга келаман.
— Йў-ўқ, азизим, бунақа анархия кетмайди. Бирга ўйлаб, бирга қарор қиламиз.
— Вениамин Самойлович, мен элчиман, демак, вакола ҳайъати менга бўйсуниши керак, дипломатия қонуни бу.
— Бунақа қонунлар император замонасида қолиб кетган, бу бошқа замон. Сиз бизга, фирқа гуруҳига бўйсунасиз.
— Жаноблар, узр, гражданлар, — деди Хмарин тутақиб, — бу мутлақо мумкин эмас. Маслаҳатларингизга албатта қулоқ соламан, аммо элчининг ёрдамчиларига бўйсуниши... Агар болшевиклар менга ишонишмаса, изимга қайтишим мумкин.
— Николай Захарович, бу гапдан хафа бўлманг, — деди Асадулла, уни шаҳдидан тушириш мақсадида. — Биз дипломатия ишларидан бехабармиз. Лекин кўпчилик билан бамаслаҳат битадиган иш пишиқроқ бўлади. Болшевиклар сизга ишонишмаса шундай муҳим ишни юклашмас эди. Биз ҳозироқ бир қарорга келишимиз керак. Виталий Сергеевич таклифини қабул қилсак, юкларни туширмасак. Мен ҳам Ҳирот йўлини маъқуллайман.

Кўпнинг маслаҳатига бўйсуниш ҳақидаги гап Хмариннинг ҳамиятига тегиб, баттар ўжарлиги тутди:
— Гап бундай, азизларим, анархияга йўл қўйилмас экан, унда аввалдан белгиланган йўлдан борамиз.
— Мен маъқуллайман, — деди Ушинский шошилиб.

Шувалов йўлда пистирма бор-йўқлигини аниқ билмас эди. Шу сабабли уларга қатъий қаршилик кўрсата олмади. Юклар туширилиб, вакола ихтиёрига ажратилган эски пароходга ортилди. Шувалов эҳтиёт чораларини кўришга мажбур бўлди. Чоржўй қалъасидан қўшимча аскар, ўқ-дори, битта замбарак, битта пулемёт олиб, кемага баржа улатди. Кема дарғаси бундан норози бўлиб, тўнғиллади:
— Шу думсиз ҳам беш кунда зўрға етамиз, оқимга қарши сузиш осон эканми?..

Кун тиккага келганда, қуёш тиғига чидай олмаганлар ўзларини каюталарга урдилар. Асадулла ҳам дастлаб каютада ўтирди. Кейин нафаси қайтиб, юқори саҳнга чиқди. Кеманинг тумшуқ томонига ўтиб, йўғон арқонга суянганча айқириб оқаётган лойқа сувга тикилди. «Қадимда Жайҳун деганларича бор, тентак дарё — бошини қайга уришни билмайди...»

Шу пайтда дарё тўлқинлари узра хотиралари қалқиб-қалқиб кела бошлади: «Ҳаётнинг ўйини ҳам Жайҳуннинг оқишига ўхшайди: висол сари оқди, десанг, бир бурилади-ю, айрилиқ ўзанига тушади: қувончга йўл очди, десанг, қайғуга қараб бошлайди. Энди ҳаётнинг нағмаси қандай бўларкин?.. Ҳаёт остонада кутиб туролмайди. Шу дарё мавжидай бостириб келаверади. Ўзингни ўнглаб ололмасанг, чилпарчин қилиб қирғоққа улоқтиради-ю, яна олға кетаверади. Ҳижрон кишанларини шу тўлқинларга ура олган одамгина омон қолади. Мен шунга қодирманми?..»
— Асад Мираъламович, хаёлларингизга шерик қиласизми?

Асадулла нозли овоздан ўзига келиб, орқасига қаради: оқ кўйлак, кенг соябонли оқ шляпа кийиб олган дилбар аёл, элчининг котибаси — Валентина Николаевна унга ширин жилмайиб турарди. Асадулла унинг ёнига келди.

  

— Офтобдан қўрқмайсизми?
— Бу офтоблар менга бегона эмас, бу ерларда кўп бўлганман.
— Йўғ-э?
— Ҳа, отамнинг Ишқобод1да, Марида ҳам заводлари бор эди. Отам билан кўп келганман.
— Дадангиз?
— Ҳа, дадам капиталист эди, — аёл шундай деб кулди. — Қўрқманг, мен капиталист эмасман. Дадам шунчаки инженер эдилар. Ҳозир Петроградда тинчгина яшаб юрибдилар. Сиёсатга аралашмайдилар. Мен ҳам сиёсатдан узоқдаман. Шеъриятни севаман. Сиз шоир экансиз, а?
— Ким айтди? Бекор гап. Шунчаки ҳавасманадлик бор.
— Э, йўқ, камтарлик қилманг. Сиз ҳақингизда Тошкентда етарли маълумот тўплаганман.
— Шунақами, сиёсатдан узоқдаман, дейсизу разведкага яқин экансиз-да?
— Аёл хандон отиб кулиб юборди. Асадулланинг кўзи унинг оқ юзидаги кулгичга тушиб, эти жимирлашди. Валентина Николаевна Синелникова ўзининг чиройли эканини ҳам, кулиши эркакларга ёқишини ҳам биларди. Ҳозир Асадулладаги ўзгаришни аёлларга хос сезгирлик билан пайқади. Пайқади-ю, одамови туюлган бу эркакни ҳам ийдира бошлаганидан ўзича яйради.
— Сиз аёлларни билмас экансиз, аёлларнинг ҳаммаси эркаклар салтанатидаги разведкачи. Керакли эркак ҳақида ҳар қандай маълумотни тўплаши мумкин.
— Сизда яна кимлар ҳақида маълумот бор?
— Ҳозирча фақат сизга тегишли маълумотга эгаман, — Синелникова шундай деб нозли қараш қилиб қўйди. Бундан Асадулла сергак тортиб, жиддийлашди. Ундаги бу ўзгариш ҳам аёл назаридан четда қолмади.
— Сиз Пушкинни севасизми? — деди аёл гапни бошқа ёққа буриб.
— Уни кўп ўқиганман. Менга Крилов ёқади, ундан таржималар ҳам қилганман.
— Пушкиндан Криловни афзал деб биласизми? Қизиқ...

Гуржистоннинг дардларин, гўзал,

Куйламагил чок этиб дилни:

У эслатар менга ҳар маҳал

Ўзга ҳаёт, олис соҳилни...

Синелникова кўзларини ярим юмиб, шеър сеҳридан маст бўлиб ўқирди. Шеър Асадуллани ҳам ўзига тортди.
— Наҳот шу шеърлардан Криловни баланд қўйсангиз? — деди аёл норози оҳангда.
— Баланд қўймайман, лекин... халқини ғафлат уйқусидан уйғотмоқчи бўлган шоир ишқий шеърлар билан кун кўролмайди. Бунинг учун Криловнинг шеърлари зарурроқ.
— Унда ўзингиз ҳам шунақа шеърлар ёзаркансиз-да, а? — деди Синелникова лабини хиёл буриб. — Ўқиб беринг-чи...
— Пушкиннинг шайдосига ўқийдиган эмас-да.
— Ноз қилманг, Асад Мираъламович, эркакларга ярашмайди.

Асадулла мийиғида кулиб, гапни ҳазилга олмоқчи бўлди:

Бизим Тошканд элида анча лой кўб,
Ҳисобни билмаган бемаъни бой кўб...

Синелникова кулди, лекин боягидай яйраб, хандон отиб эмас, кўнгил учунгина кулди.
— Ҳафсалангизни пир қилдимми? Айтдим-ку, шоир эмасман, деб.
— Менга ишқий шеърларингиздан ўқинг.
— Ишқий?.. Бунақаси йўқ менда.
— Қўйсангиз-чи, шарқ шеъриятида ишқий шеър ёзмай бўларканми, жононнинг битта холига Самарқанду, Бухорони бериб юборасизлар-ку?
— Дуч келганининг холига эмас, Валентина Николаевна, агар кўнгилни ром этса ўша жонон...
— Нима, сизнинг кўнглингизни ҳеч ким ром этмаганми?
— Ром этган... Лекин менинг кўнглимда бошқа ташвиш ҳам бор эди. Халқимни жаҳолат уйқусидан уйғотишга бор кучимни сарфлаб, жононга Самарқанду Бухорони бериб юборишни унутибман.
— Ҳазилни ҳам билар экансиз, а, дастлаб кўрганимда сержаҳл одамдирсиз, деб ўйловдим.
— Хилватда нимани сирлашяпсизлар?

Иккови ҳам овоз келган томонга баравар қарашди. Асадулла Ушинскийни кўриб, таъби тирриқ бўлди. Синелникова эса сир бой бермай жилмайди.
— Вениамин Самойлович, саволингиз бир ҳикоятни эсимга солди, — деди Асадулла энсаси қотганини яширмай. — Бир бола қўшнининг уйига усти ёпиқ тобоқда таом олиб бораётган экан. Бир киши учраб: «Э, ўғлим, тобоқда нима олиб борурсан? — дебди. Ақлли бола шундай жавоб берибди: «Эй, отажон, тобоқ ичиндаги нарсани кишига айтмоқ ва кўрсатмоқ даркор бўлса эди, усти ўралмаган, очиқ бўлар эди...» Худди шунга ўхшаш, сирлашаётган бўлсак, саволингизга нима деб жавоб қиламиз?..
— О, Вениамин Самойлович, шарқ шоирлари билан ҳазиллаша кўрманг. Айниқса Криловни қадрлайдиганлари аяб ўтирмайди.
— Буни биламан, Валентина Николаевна, Асадулла Мираъламовичнинг тиллари қилич дамидан ҳам ўткир.
— Бўлди, чегарадан чиқманглар, — деди Синелникова пичинг тошлари отила бошлаганини фаҳмлаб. — Биз Пушкинни эслаяпмиз. Вениамин Самойлович, қаторимизга қўшилишингиз мумкин.
— Миннатдорман, хоним, Пушкин! О, буюк даҳо!
— Уни севасизми?
— Уни севмаслик — калтабинлик!

Асадулла томоқ қирб, тескари қаради. Аёл ундаги ўнғайсизликни сезмаганга олди.
— Битта шеърини ўқиб беринг, Вениамин Самойлович!
— Шеърини? — Ушинский беўхшов кулимсиради. — Бу каллада шеърга ўрин йўқ. Ҳаммаси манифесту чақириқлар билан банд.
— Аёлларнинг кўнглини шу манифестлар билан оласизми?
— О, аёлларнинг кўнглини қандай олишни биламиз биз...

Асадулла бу ерда ортиқ қолгиси келмади. Шилқимлик иси кела бошлаган суҳбатдан димиққан каютани афзал билиб, улардан узр сўради.

2

Кун оққанда кема лангар ташлади. Шувалов каютада ётган Асадуллани юқори саҳнга чақирди.
— Дарғанинг айтишича, анов тепалик ортида туркманларнинг овули бор экан. Ёнингга бир-икки мусулмонларни олиб, бориб кел, ён-атроф тинчми, сўраб-суриштир, — деди. Кейин яқинлашаётган элчига юзланди. — Николай Захарович, шу яқи ўртада овул бор экан. Мираъламович бориб келсин. Озиқ-овқат харид қилиш керак.
— Майли, борсинлар, — деди Хмарин ҳафсаласизлик билан.

Синелникованинг атрофида гирдикапалак бўлаётган Ушинский Асадулла, Зикриё афанди ва тўрт афғоннинг қирғоққа тушганини билмай, доғда қолди.

Бир барханни ошиб ўтиб, ялангликка чиқдилар. Ялангликда ўттизга яқин ўтов тикилган, атрофда қўй-эчкилар ёйилган эди. Овулга яқинлашаётган бегоналарни кўриб, оқсоқол пешвоз чиқди.
— Хош келдингизлар, — деди у саломга алик олиб.
— Каркига йўл олганмиз, ортиқча нон-гўштингиз бўлса сотиб олайлик, — деди Асадулла.
— Мусулмонмисанлар баринг?

Асадулла шерикларига қараб олди.
— Алҳамдулиллоҳ...
— Унда сенмас экансанлар. Бизга ўруслар келади, дейишиб эди. Ўруслар келса ўтказманглар дейишган.
— Нимага?
— Каркида зулм қилишибди. Бизга яроғ қолдиришди.
— Кимлар ташлаб кетди?
— Э, ўғлон, суриштиришингдан ўрусларинг борга ўхшайди. Демак, сенлар экансан. Иззатинг борида қайт. Бошларинг балолаларга қолмасин.

Қария шундай деб ирғай таёғини дўқиллатиб, орқасига қайтди.

Асадулла ва Зикриё афанди бир-бирига савол назари билан тикилган ҳолда туриб қолдилар. Кейин орқаларига бурилдилар...
— Овулларни қуроллантиришибди, — деди Асадулла Шуваловга.
— Қайтиш керак, ҳали ҳам кеч эмас, — деди Шувалов.
— Бир гап топиб келдингизми? — деди Хмарин уларга яқинлашиб.

Асадулла айтди. Бу орада Ушинский билан Синелникова ҳам уларга қўшилди. Жиддий маслаҳат кетаётганини билиб, Ушинский аввал Зикриё афандига юзланди:
— Бизнинг муҳим гапимиз бор, илтимос, ҳоли қўйсангиз, — сўнг Синелниковага қаради. — Валентина Николаевна, узр, сизни толиқтириб қўймайлик.
— Вениамин Самойлович, сиздан илтимос, Зикриё афандига бундай муомала қилманг. У ҳамма гапдан бохабар, — деди Асадулла унинг қилиғидан норози бўлиб.
— Мана шу ишингиз бекор. Муҳожирга ишонишга ҳаққимиз йўқ.

Улар паст овозда баҳслашиб, бир қарорга кела олмадилар. Саҳнда давра қуриб ўтирган афғонлар уларга қараб-қараб қўйиб, безовталанишди.
— Эрталаб ҳал қиламиз, — деди Хмарин баҳсга якун ясаб. — Ҳозир сир бой бермайлик. Юринглар, афғонлар билан гурунг қилайлик.

Афғонлар уларни ўринларидан туриб қаршиладилар.
— Мирза Қандилхон, гапимиз чала қолиб эди, — деди Хмарин чордана қуриб, — демак, амир Омонуллохон Инглистондан тап тортмабди-да, а?
— Ҳа, соҳиб, тап тортмади. Авом жон деса жонини бермоққа тайёр ҳозир. Эронда ҳам шу ҳолми?
— Йўқ, Мирза, Эронда буткул акси. Россия Эронга мустақиллик берган эди. Мустақилликни асрай олмади.

Хмарин Эрон воқеаларини айтишга тутинди. Афғонлар уни қизиқиб жон қулоғи билан тинглашар, Саид Ғаффорбек эса ундан кўзини узмас эди. Хмарин бу ўткир нигоҳни сезди.
— Муҳтарам Саид Ғаффорбек, ҳикоям сизга маъқул келиб қолди шекилли, а? — деди у бир маҳал.

Саид Ғаффорбек бундай мурожаатни кутмаган эди, шу боис жавобга шошилиб қолди.
— Ҳа, ҳа, —деди у, — ғоят қизиқ ҳикоя. Эроннинг аҳволи кўп мушкул экан.
— Сиз ҳам юрт кезганга ўхшайсиз, кўларингиз айтиб турибди, йўл узоқ, ҳамсуҳбат бўлайлик, ҳангома қилайлик.
— Юртларни кезганим рост, бироқ мухтасар гапни хушлайман: йўл қувлаган хазинага, гап қувлаган балога йўлиқаркан. Хазинага йўлиқайлик илоҳим, — у шундай деб юзига фотиҳа тортди. — Насиб қилса ҳали кўп суҳбат қурармиз. Ҳозир толиқдим. Як нафас ҳузур — тахти Сулаймон, дейдилар...

Саид Ғаффорбек ўрнидан туриб, каютага тушиб кетди. Шувалов Асадулла билан кўз уриштириб олди.

«Бири — Ғаффорбек. Шериги ким?»

Ҳар икковининг хаёлида шу жумбоқ ҳукмрон эди.

Телба дарё маст уйқуга кириб тўлғанди. Қоронғилик ҳаммаёқни бир текисда бағрига олди. Тиниқ юлдузлар осмонга сочилган чўғдай пориллайди. Дарёдан кўтарилган енгил шабада гўё шу юлдуз — чўғларни аланга олдирмоқчидай юқорига интилади. Кемага кучи етмаган тўлқинлар баржани силтаб-силтаб тортади. Каюталардан хуррак овози эшитилади.

Асадулланинг ҳам, Шуваловнинг ҳам кипригига уйқу илашавермади.

Шабада осмондаги чўғларни ёндира олмади, аксинча, ўчириб қўйиб, тонгни уйғотиб юборди. Барханлар ортидан бостириб келган тонг ҳадемай ёйилиб кетди.

Хмарин олға қараб юришни буюрди.

Пешинга яқин ўнг қирғоқдаги барханлар устида туркманлар кўриниб, милтиқларини силкитганларича бақира бошлашди.
— Тўхташни талаб қилишяпти шекилли? — деди Шувалов уларга хавотир билан қараб. — Тўхтамасак, отишади.
— Тўхтанг! — деб буюрди Хмарин, дарғага қараб. Кейин Асадуллага яна юзланди. — Гаплашиб келиш керак улар билан, бориб келинг.
— Мен ҳам бораман.
— Вениамин Самойлович, бунақа ишни мусулмонларнинг ўзлари бажаргани маъқул, мен буларнинг феълини биламан, — деди Хмарин. — Асадулла Мираъламович, Зикриё афанди билан бирга боринг.

Улар оқ байроқ кўтариб, соҳилга тушдилар. Аркони ҳарбдан икки отлиқ ажралиб, уларга яқинлашди. Отлиқларнинг иккаласи ҳам елкасига милтиқ, белига қилич осган, кексайиб қолганига қарамай, эгарда тетик ўтиришарди. Улар отдан тушиб, элчилар билан омонлашдилар.
— Бекбобо, бу ҳаракатларингизнинг боиси не? — деб сўради Асадулла. — Кемамизга оқ байроқ илганмиз. Бу ерлардан ўтувимизга амирингиз Саид Олимхон изн берганлар.

Қариялардан бири энгагидаги сийрак соқолини силаб, ўткир нигоҳини Асадуллага қадади. Аммо саволга жавоб бермади.
— Бекбобо, — деди яна Асадулла, — биз сизларга меҳмонмиз. Дарё узориндан Каркига бориб, ундан Афғонистонга ўтиб кетажакмиз. Балки сизнинг аскарларингиз бизнинг кимлар эканлигимизни билмаслар, балки бизларни душман ҳисоблаб отиш очгандирлар?
— Болам, бизларни тентак фаҳмлама, — деди тикилиб турган қария, — сен билганни биз-да биламиз. Бизнинг ўруслар билан орамиз бузулди.
— Сабаб нима, бекбобо?
— Сабабини билмайсанми? Билмасанг айтай, эшит: ўруслар Каркида туркманларга зулм қилдилар. Бекларни тутиб ўлдурдилар. Уйларни ёндурдилар. Бола-бақрани ҳам ўлдиришдан тоймадилар. Инсоният нуқтаи назаридан бундай хўрликка чидашга тоқатимиз қолмади. Ё нажот, ё ўлим! Ё ишларимизни ўнгариб оламиз, ё баримиз қирилиб битамиз.

  

— Қирилиб битишдан ўзи асрасин, бекбобо, яхши нафас қилинг. Туркманларнинг бахти очилиб кетса ажабмас. Бекбобо, русларнинг зулмини ўзингиз кўрдингизми?
— Замин бевафо бўлиб қолди, болам, ҳеч кимга ишонолмаймиз! Мана сен мусулмоншева экансан, гапларинг маънили, аммо ишонмайман. Ҳозир яхши гаплар гапириб, Каркидаги биродарларингга яроғ олиб кетаётгандирсан? Кеманинг думида замбарак кўрдим?
— Яроғимиз бор, аммо зинҳор кўмакка бораётганимиз йўқ. Каркида туркманларга зулм қилинганини сиздан билиб, ҳайратда қолдим. Бундай бўлувига сира ишонмайман. Сизларни алдашган. Сўзимга инонмасангиз, майли, кемани бунда қолдириб, ўзимиз қайиққа ўтириб борайлик манзилимизга.
— Бўлмайди, болам, қайиқ тугул чибинни ҳам ўтказмаймиз. Биз ўтказсак-да, нарида бошқалар бор. Нобуд бўлишингиз тайин.
— Бекбобо, унда бизнинг Афғонистонга сафаримиз нима бўлади? Биз уруш бўлмасин, мусулмонларнинг қони беҳуда тўкилмасин, мусулмонларнинг ҳам бағрига шамол тегсин, ўзининг нонини ўзи есин, бошқалар тортиб олмасин, деган келишувни афғон амирига етказмоқ учун хайрли сафарга чиқиб эдик.
— Гапинг чинми?
— Бекбобо, сизни алдамоқ гуноҳ эмасми?
— У ҳолда... Кемадан тушинглар. Элчига ўлим йўқ. Яроғларингни бизга беринглар. Биз сизларни от-аробага ўтқазуб, бир кеча-кундузда сарҳадга етказиб қўямиз.
— Ичимизда ўруслар ҳам бор, улар-чи?
— Ким бўлса бўлсин, одам айирмаймиз.
— Бекбобо, ўзингизни уринтирмай, бизларни ўтказиб юбора қолмайсизларми?
— Болам ўзбекмисан, ўзбеклар ўжармас-ку? Мен сенга боғона айтдим. Каркига бора-боргунча аскар кўп.
— Бекбобо, у ҳолда мен кемага қайтиб, биродарларим билан маслаҳат қурай. Балки ёнингизга қайтарман.
— Туркман бобонгнинг гапига кир. Нобуд бўласан йўқса.

Асадулла кемага қайтганда Шувалов барчани қуроллантириб улгурганди. Кема хизматчилари пастдаги той пахталарни юқорига ташиш билан овора эдилар. Хмарин, Шувалов, Ушинский кема қуйруғида элчининг қайтишини сабрсизлик билан кутишарди. Асадулла уларга туркман бегидан эшитганларини айтаётганида Зикриё афанди нари кета бошлади.
— Зикриё афанди, тўхтанг, сиздан яширгувчи сир йўқ, — деди Хмарин. Ушинский эътироз билдирмоқчи эди, у ўнг қўлини кўтариб: «Жим бўлинг», деган ишора қилди.
— Чол ҳийла ишлатмаяптимикин? — деди Хмарин Шуваловга қараб.

Шувалов дарров жавоб бермади.
— Бошим қотиб қолди. Назаримда қирғоқдаги туркман овулларини оёққа турғазишган. Бу чолнинг гапи ғалати. Афғонистонга ўтказиб қўйишига ишонайлик. Лекин қуролларимизни топширишимиз... Нияти қоронғи.
— Ишонмаслик керак уларга, — деди Ушинский.
— Йўлда кетаберамизми? — деди Хмарин.
— Орқага қайтиш керак, ҳали ҳам кеч эмас, — деди Шувалов.
— Сиз замбаракдан бир ўқ узинг, қирғоқда аскар зоти қолармикин, — деди Ушинский. — Улар отган ўқ кемамизга етиб келмаса ҳам керак. Кемага шунча аскар олганимиз нимасию қочишни таклиф қилганингиз нимаси?
— Вениамин Самойлович, милтиқ отишни биласизми?
— Мен сиёсий арбобман. Виталий Сергеевич, ҳали мени жангга солмоқчимисиз?
— Вениамин Самойлович, уёқдан учиб келган ўқ ким арбоб, ким жангчи, деб суриштириб ўтирмайди. Яхшиси бежанжал ортга қайтайлик.
— Энди қўрқитяпсизми? — деди Хмарин зарда билан. — Қароримиз шу: олға юриш. Керак бўлса, жангга кирамиз. Ҳа, Виталий Сергеевич, мен яхшигина мерганман, ҳисобга олиб қўйинг.

Шувалов, иложим қанча, дегандай елка қисди.

Кеманинг жилганини кўрган туркманлар қийқириб, пала-партиш ўқ уздилару тинчидилар.
— Ана, айтмадимми? — деди Ушинский қувониб. — Булар бир пўписа. Замбаракни кўрибоқ, эсларини йиғиб олганлар.

3

Ҳижрон дардининг яраларига туз сепувчи туш тугамай, тун оёқлади. Асадулла тушида болаларини кўрди. Уларни шу ерда, шу дарё юзида кўрди. Удар дарёнинг телба мавжларини писанд қилмай, кема орқасидан изма-из келардилар. Асадулла уларга етишай деб ҳаракат қилади, аммо кема атрофини ўраб олган йўғон арқонларни ошиб ўтолмайди. Бирдан лойқа сув ермойга айланди-ю, ёна бошлади... Унинг алангаси Асадулланинг кўкрагини куйдирди, тутуни нафасини бўғди. Шу алпозда уйғониб кетди. Каюта ичи димиқиб қолган — ётолмади. Шарт ўрнидан туриб, саҳнга чиқди.

Тонг бўзариш арафасида. Кема саҳнида дарёдан кўтарилган шабада ҳукм суради, барханлар ортидан ўт пурковчи куч йўқ. Қумларнинг тафти ҳам сўнган. Тумшуғини қумли оролга тираган кемани уйқусираётган тўлқинлар силтаб-силтаб қўяди.

Асадулла қуйруқ томонда ўтирган одам қорасини кўриб, дастлаб танимади. Бағрини шабадага тутиб турганда Ғуломқодир қўзғалди-да, унга яқинлашиб салом берди.
— Ҳа, иним, уйқу қочдими? — деди Асадулла, унинг саломига алик олгач.

Ғуломқодир жавоб бермай елка қисиб қўя қолди.
— Уйингизни соғингандирсиз. Ҳадемай юртингизга етасиз. Ҳаловат топасиз.
— Ҳаловатни қўмсаганим йўқ.

Тундроқ юрувчи афғон йигитнинг бу гапидан Асадулла сезди-ки, унинг қалбида бир тош бор. Одатда бундай тош қўзғалса, алам дарёси тўлқин уриб қирғоқдан тошиб кетади. Балки бу тун бир нима сабаб бўлиб тош қўзғалгандир. Балки йигит аламлари оташида қовжираётгандир. Балки унинг ҳам дарди айрилиқдандир. Шундай бўлса, айрилиқ оғриғининг қалбдаги кучи, ларзаси Асадуллага бегона эмас.
— Сиз нимадандир қаттиқ аламдасиз, — деди Асадулла ҳамдард одамнинг овози билан.

Ғуломқодир: «Қандай сездингиз», дегандай савол назари билан тикилди.
— Аламсиз одам борми? — деди у пича сукутдан кейин.
— Истасангиз айтинг, кўнглингиз ёзилади.
— Гапингиз ғалати, соҳиб, мен эркакман, аламини баҳам кўрган эркакни кўрганмисиз?
— Маъқул айтдингиз, иним, эркак номини олиш учун ўғил бола бўлиб туғилиш кифоя эмас, дардлар бандилигига дош бериб, енгиш ҳам лозим. Тан жароҳатидан юрак жароҳати ёмон. Сиз ёшсиз, бу азобларга бардош бера оласиз.
— Соҳиб, мен билан булар ҳақда гаплашманг.
— Хоҳишингиз...

Асадулланинг шундай деб жимиб қолганини кўрган Ғуломқодир, терслик қилганини фаҳмлаб, изза бўлди.
— Маъзур тутинг, соҳиб, ижозат этсангиз бир сўроғим бор эди.
— Сўранг.
— Юртимни ҳали бориб кўрасиз. Фуқаро ночор. Амир, назаримда, сизларга кўз тикиб эди, ёрдамга маҳтал эди. Сизлар эса... ўзим кўрдим, биздай ночор экансиз. Бизнинг борувимиз, сизнинг келувингиздан нима наф?
— Ночорлигимиз ҳақ. Бизни урушлар еди, иним, ҳозир ҳам уруш тингани йўқ. Илгари фақир минг уқубат ила битта нон топса, ўзига бир тишламгина қоларди. Энди топган нонимни ўзим ейман, деса урушиб ётишибди. Ҳадемай уруш тугайди, фақирнинг нони бутун бўлади. Сизнинг юртингиз ҳам луқмасини Инглистонга бермайди. Бунга етишиш учун қўшнилар иноқ, аҳил, тинч бўлиши керак. Биз шунинг аҳдлашувига бормоқдамиз.
— Ўруслар нонингизга шерикмасми?

Саҳнга кема дарғаси чиқиб, Асадулла саволга жавоб бера олмади, суҳбатлари узилди. Кема пишқириб, силтаниб, қум орол чангалидан қутула бошлади. Бирин-сирин уйғонганлар саҳнга чиқаверишди. Шувалов дарғага харитани кўрсатиб, ниманидир аниқлаб олгач, барчани тўплади.
— Агар кечаги чолнинг гапи рост бўлса, бугун яна туркманларга дуч келамиз. Беш-олти соатдан кейин дарёнинг тор ерига етамиз. Пистирма учун бундан боп жой йўқ. Эҳтиётдан шай бўлиб туришимиз шарт.

Пистирмага етишни истамагандай кема тез-тез қумга тиқилаверди. Бундан дарға ҳам, хизматчилар ҳам ҳолдан тойишди. Шувалов айтган жойга беш-олти соатда эмас, кун пешиндан оққанда етишди.

Олға юришганлари сайин соҳил аста кўтарилиб, дарёни икки томондан сиқиб кела бошлади. Тўлқинларнинг бевошлиги ортди. Кема тор, чуқур ўпқон сари кириб боргандай бўлаверди. Ана шу пайтда ҳар икки қирғоқдаги тепаликлар устида одамлар кўринди. Дам ўтмай ҳар икки қирғоқдан ўқ дўли ёға бошлади.

Шуваловнинг буйруғи билан вакола ҳайъати ва афғон аъёнлари пастга тушиб, каюталарда жон сақлайдиган бўлишди. Қолганлар тепада жанг бошладилар.
— Булар огоҳлантириб ҳам ўтиришмади, демак, кучлари кўп, ўзларига ишонишади.
— Ваҳима қилманг, ўртоқ Мираъламов, ўтиринг, — деди Ушинский зарда билан.

Асадулла унга жавоб бермай, тик турганича юқорига қулоқ тутди: замбарак уч-тўрт ўқ узиб, жимиб қолди. Нима бўлди? Баржадагилар қирилиб битишдими? Пулемёт ҳам бир меъёрда отмаяпти. «Бемаънилик, бу ҳолда жангга кирмоқлик мутлақ тентаклик. Кема тайёр нишон-ку? Бу ёқдан отилган ўқ тупроққа санчилади, беҳуда кетади. Наҳот Шуваловнинг фаҳми шунга етмаса?»

Кема имиллаб олға боради, ўқ дўлининг тинишидан эса дарак йўқ.

  

— Николай Захарович, эшитяпсизми, туркманларда куч кўп. Орқага қайтиш керак.
— Тор ўзандан чиқиб олсак, улар бас келишолмайди.
— Унгача одамларимиз нобуд бўлиб кетишади.
— Ваҳима қилманг, азизим, ўтиринг. Одам бунақа пайтда ўзини қўлга ола билмоғи керак.

Шу пайт каюта эшиги зарб билан очили, ичкарига афғон сарбози йиқилди. Синелникова қонга беланган йигитни кўриб қўрқувдан қичқириб юборди. Ушинский довдираб қолди. Аввал Асадулла, кейин Хмарин сарбозга ёрдам бериш учун шошилишди. Сарбознинг ўнг билаги ўқдан титилиб кетган, оғриқдан гапиришга қурби етмасди.
— Ўрус сардор ўлди, — деди инграб.

Асадулла ўзи ҳам билмаган ҳолда юқорига интилди.
— Мираъламов, қайтинг! — деб буюрди Хмарин.
— Ярадорга қаранглар! — Асадулла шундай деб эшикни ёпди.

Юз-кўзи қонга беланган Шувалов той пахтага суянганича ҳаракатсиз ўтирарди.
— Виталий Сергеевич! — деди Асадулла, уни елкасидан ушлаб.
— Тирикка ўхшайман, Мираъламович, — деди Шувалов инграб, — қара, кенгликка чиқдикми?
— Йўқ.
— Қайтиш керак.

Асадулла пахтадан бир сиқим юлиб олиб, Шуваловнинг юзидаги қонни артди. Ўқ пешонасини ялаб ўтган экан.
— Боғлаб қўй, Мираъламович, тўйгача тузалиб кетади.
— Бунақада тўйни кўрмаслигимиз ҳам мумкин. Каютага тушинг.
— Сен тушиб айт, орқага қайтишга рухсат берсин.

Шу пайт кема бир силтаниб, тўхтади.
— Қумга тиқилди, — деди Асадулла асабийлашиб. — Энди ем бўлишимиз тайин. Замбарак нимага жим?
— Отилмаяпти.

«Иш юришмаса буламиқ1 дандон синдиради, дегани шу», деб ўйлади Асадулла, кейин дарғанинг ёнига югурди.
— Кенгликка қачон чиқамиз? — деди у бақириб.
— Бу аҳволда икки-уч соатсиз чиқиб бўлмайди, — деди дарға отишаётганларга ишора қилиб.
— Орқага ҳайданг, қайтамиз, — деди Асадулла қатъий. Бу қатъийликдан ўзи ҳам ҳайрон бўлди.

Кема силтаниб-силтаниб қум чангалидан қутулди-да, ортга қайта бошлади. Салдан сўнг каюта эшиги қия очилиб, Хмариннинг боши кўринди.
— Нима гап? — деди таҳдидли оҳангда.
— Қайтяпмиз, — деди Асадулла. — Қаранг, ўтиш мумкин эмас.

Хмарин ташқарига чиқмади. Шуваловнинг аҳволини кўрди-ю, индамай эшикни ёпди.

Туркманлар уларни анча ергача таъқиб этиб бордилар. Оқим изига тушган кема тезлашиб кетди.

Омон қолган аскарлар ярадор шерикларининг жароҳатларини боғлашди. Тўрт кишининг жасадини кеманинг қуйруқ томонига қўйиб, устига мато ташлашди. Баржада ҳам уч одам ҳаракатсиз ётарди.

Яраси ювилиб, малҳам қўйиб боғлангач, Шувалов каютага тушди.
— Валентина Николаевна, малол келмаса, ярадорларга қарасангиз, — деди Асадулла.

Хмарин бош ирғаб «боринг» дегач, Синелникова норози кайфиятда чиқиб кетди.
— Етти киши ҳалок бўлди. Ўттиз икки одам яраланган, оғирлари ҳам бор, — деди Асадулла ҳорғин оҳангда.
— Бунга Бухоро амири жавоб бериш керак, — деди Ушинсий.
— Вениамин Самойлович, Бухоро амири ўликларни тирилтириб беролмайди.
— Виталий Сергеевич, сиз ҳарбий одамсиз. Шуни билар экансиз, нимага қаттиқ турмадингиз, бизни ишонтирмадингиз?
— Вениамин Самойлович, — деди Хмарин асабийлашиб, — илтимос, бунақа бемаъни баҳсни бас қилинг. Ахир ўрни эмас, наҳот тушунмасангиз?

Каюта эшиги тарақлаб очилиб, Ғуломқодир кўринди.
— Соҳиб, сизни йўқлашяпти, — деди у Асадуллага.
— Ким?
— Мирзо Қандилхон соҳиб. Саид Ғаффорбек соҳиб оғирлашиб қолдилар.

Ғуломқодир шундай деб эшикни оҳиста ёпди.
— Нима деяпти? — деди Ушинский.

Асадулла айтди. Шуваловнинг ярим юмуқ кўзи шарт очилди.
— Тез чиқинг, — деди у.

Афғонларга ажратилган каютада кўкраклари боғланган Саид Ғаффорбек ҳансираб ётарди. Асадулланинг кирганини билиб, Мирза Қандилхонга «чиқинглар» деб илтимос қилди. Унга итоат этдилар.
— Асадулла афанди, мен Рафиқман, — деди у ўзбекчалаб.
— Биламан. Сизга... бу ерда... қанақасига ўқ тегди?
— Худо ураман деса, жой танламас экан. Бир қарай деб эдим...
— Менда гапингиз борми?
— Гуноҳимдан ўтинг мени.
— Шугинами?
— Тошкентга қайтсангиз, Худо хоҳласа қайтасиз, сиздан бир ўтинчим бор: Ўқчидаги уйимга боринг. Кўчадан киришда ўн бир қадам, айвондан кўчага ўн уч қадам юриб, сўнг қиблага тўрт қадам қўясиз. Сўнг одам бели баробар қазисангиз бир хум чиқади. Тиллоларнинг ярми, йўқ, учдан иккиси сизга, розиман, олинг. Қолганини завжамга бериб, болаларим билан Бухорога етказинг. Бухорода акам бор, завжамни никоҳига олиб, болаларимга оталик қилсин. Васиятим шу.
— Тошкентга нима учун бориб эдингиз? Тўғрисини айтсангиз, васиятингизни бажо келтирамиз. Тиллоларингиз менга керак эмас.

Саид Ғаффорбек кўзларини юмди. Нафас олиши тезлашди.
— Москвага етганда элчини ўлдирмагим лозим эди.
— Ўзингизга ярашмаган ҳунарни танлаган экансиз. Қотилликдан кўра хоинлик дуруст эмасмиди сизга?
— Гапирманг... Худо урди мени.
— Қайтишингиз сабаби нима?
— Москва йўли берк... Валихонга бошқа одам боради. Бухорода Хаустон деган инглис ҳаммасининг ҳисоб-китобини қилиб берган. У Тошкентдан одам кутаётган эди. Кимлигини билмайман. Ўша одам келса, улар ҳам Афғонистонга йўл оладилар. Мен... сизларни йўқ қилишим керак эди.
— Бир ўзингиз-а? Шеригингиз ким?
— Шеригимнинг кимлигини билмайман... бир одам бор яна, ғайридинлардан... Энди васиятимни бажо келтирасизми... қасам ичинг...
— Истагингизни оилангизга етказаман.
— Илоҳим Тошкентга омон-эсон қайтинг...

Асадулла ташқарига чиқди. «Мени ўлдириши лозим бўлган одам, энди омонлик тиласа?! Ажаб дунё бу...» — деди у ўзича.

Кўп ўтмай афғонлар Саид Ғаффорбек жасадини ҳам қуйруқдаги мурдалар ёнига қўйдилар.

Оқшом тушиши билан кема дарё ўртасида лангарандоз қилди. Марҳумларни соҳилга дафн этдилар. Тун таҳлика билан кечди. Тонг ёришар-ёришмас лангар кўтарилди. Қош қораймай туриб Термизга етдилар. Ярадорларни қалъа госпиталига жўнатгач, Хмарин Асадулла билан биргаликда темир йўл бекатига бориб назоратчига Кўшкка боражакларини маълум этди.
— Поездингиз Тошкентга жўнаб кетган, — деди назоратчи. — Фақат хароб вагонларим бор.

Назоратчи ўқлар тешиб ўтган, айрим ерлари куйган, деразалари синган вагонларни кўрсатди. У ер-бу ерини тозалаб, эрталабга тайёр қилишини айтди.
— Асадулла Мираъламович, сиз Ушинскийнинг номзодига қарши чиққан экансиз. Буни эшитиб, миллий адоват деб ўйлаган эдим, янглишган эканман. Сиз уни яхши биларкансиз, — деди Хмарин.
— Буни нимага эслаб қолдингиз?
— Мен ўзимни оқламайман, лекин кўпроқ ўша айбдор, унинг гаплари меъдамга тегди.
— Николай Захарович, бир-биримизни айбламайлик. Олдинда ҳали узоқ йўл бор.
— Сиз ҳукумат аъзосисиз, шу одамни орқага қайтариб юборсангиз-чи?
— Ҳаққим йўқ, Николай Захарович. Менга бундай ҳуқуқ берилмаган. Ундан ташқари у фирқа гуруҳига бош.
— Мушкулимизни осон қилиб бўлмас экан, азизим, — деди Хмарин афсусланиб.

Асадулла унга қараб туриб, дастлабки учрашувини эслади. Ўшанда Хмарин Асадуллада нохуш таассурот қолдирган эди. Икки ой аввал Туркистон Ташқи ишлар халқ нозирлигига чақирилганда Асадулла яна Ишоқхонни жўнатиш масаласида гаплашмоқчидир, деб ўйлади. Бироқ хонага кириши билан нозир унинг қўлига арабча имлода чиройли қилиб ёзилган мактуб тутди.
— Афғонистоннинг янги амири Москвага мактуб юборибди. Шу ерда таржима қилиб, радиотелеграф орқали етказамиз. Сизга Николай Захарович ёрдам берадилар. Танишинг: Хмарин, Николай Захарович. Россия империясининг Эрондаги элчихонасида масъул вазифада ишлаганлар. Дипломатлар ичида биринчи бўлиб Совет Россиясига хизмат қилиш истагини билдирганлар. Инглизларнинг тазйиқи туфайли Эронни ташлаб келишга мажбур бўлганлар.
— Сиз мен билан истасангиз форсийда, истасангиз рус тилида гаплашаверинг, — деди қотмадан келган, ораста кийинган, ҳали қирқни қораламаган Хмарин унга қўл узатиб:
— Форсийни сизчалик билмасам керак, ҳар ҳолда уста кўрмаганман, кўп сўзлашмаганман ҳам, — деди Асадулла.

Кўз қарашларидан киборлиги сезилиб турган Хмаринга бу гап хуш ёқиб, жилмайди.
— Бошладик бўлмаса, — деди у Асадуллани ёзув столига таклиф қилиб. — Хў-ўш, амирнинг биринчи гапи шундай, — Хмарин оёқларини чалиштириб олганча оғзаки таржима қила кетди. Асадулла эса ёзиб борди. Мактуб яримлаганда Хмарин мактубни Асадуллага узатди. — Бир чекиб олай, ўзингиз эрмак қисиб туринг.
— Шу ерда чекаверинг, Николай Захарович, — деди нозир кулдонни у томон суриб. Хмарин миннатдорчилик билдириб, папирос тутатди-да, кўзини сал қилиб, Асадуллага разм солди.

Асадулла унинг найрангини фаҳмлаб, ичида кулиб қўйди-ю, сир бой бермай ишни давом эттирди. «Подшо хизматида бўлгани учун нозир унга ишонқирамай, мени чақиртирган. Бу димоғдор жаноб ҳалиги гапимга ишониб, энди мени синаб кўрмоқчими?.. «Асадулла хат мазмунини яхши тушунса-да, сўзларни русчада қиёмига етказиб ифода этишга қийналди. Шунинг учун таржимани дафъатан бошлай олмади. Хмарин унга эътибор бермагандай хотиржам папирос тутатаверди. Асадулла узоқ ўйлаб, мактуб таржимасини давом эттирди.

«... Олий ҳазратлари, менинг буюк ва қадрли дўстим, Буюк Русия давлатининг президенти! Сиз инсониятнинг дўстлари бўлмиш ўз йўлдошларингиз ила бақамти адолатли ва олийжаноб вазифани — одамларнинг фароғати ҳамда фаровонлиги хусусида қайғурмоқни зиммангизга олганингиз боиси ва дунёдаги юртлар, дунёдаги халқларнинг озодлигини, тенг ҳуқуқлилигини овоза этганлигингиз учун мен мустақил ва озод Афғонистоннинг шу дўстлик хатини тараққиёт йўлига интилмиш афғон халқи номидан илк бора сизга юбормагимдан сарфароздирман.

Соф юракдан билдирган ҳурмат-эҳтиромим буюк дўстим томонидан лутфан қабул этилажак, деб ҳоҳиш билдираман ва чин юракдан ишонаман.

Ҳижрий санасининг 1337 йили, ражаб ул муражаба ойининг 6-куни, яъни насарий санасининг 1919 йили, 7 апрели.

Сизнинг дўстингиз Омонулло».

Асадулла хатни нозирга узатди. Нозир кўзойнагини бурнига қўндириб, тезгина ўқиб чиқди.
— Демак, учинчи мактубимиз ҳали уларга етиб бормабди. Лекин... ниятлари яхши, жуда яхши. Ниҳоят, мустақиллик нима эканини англашибди.

Хмарин Асадулланинг таржимасини ўқишга ошиқса ҳам сиртига чиқармади. Стол устидаги иккинчи хатни олиб, кўз югуртирди.
— Буниси «умрлари узоқ бўлгур ташқи ишлар министрига», «умрлари узун бўлгур амирнинг» пок ниятларини тасдиқ этувчи нома. Ҳорижия нозири Маҳмуд Тарзи имзолаган. Шарқликларнинг одати шунақа. Ҳар бир сўзи такаллуфга тўйдирилган, гаплари ёлғонми, чинми ажратиб бўлмайди. Умуман... дипломатия тилига жуда мос.

Бу гап Асадуллага малол келиб, манзират қилиб ўтирмади:
— Жаноб Хмарин, — деди у норози оҳангда, — буни Европада айтсангиз ярашарди.
— Ҳа, ҳа, Николай Захарович, — деди нозир унинг гапини бўлиб, — кесатиқларингиз ўринсиз.
— Кесатаётганим йўқ, мени кечиринг, — деди Хмарин ўрнидан туриб. — Чиндан ҳам дипломатия тили такаллуфга бой бўлиши керак. Қоидаси шунақа. Умуман... дипломатияда сохталик мавжуд. Генри Уолтен деган дипломатнинг бир гапи бор: «Элчи ўз давлати манфаатлари йўлида бошқа мамлакат аҳлини усталик билан алдаш учун ҳорижга юбориладиган ростгўй, ҳалол одамдир», дейди. Жан Лабрюер эса: «Дипломатнинг вазифаси ўзи алданмагани ҳолда бошқаларни алдай олишдан иборат», дейди. Сатоу эса...
— Жаноб Хмарин, қўйинг бу гапларни. Ким ўзи уларингиз?
— Уларми? — Хмарин нозирга қараб, елка қисди. — Улар машҳур дипломатлар. Бири инглиз, бири франтсуз...
— Ана кўрдингизми, ўзгаларни алдаш уларга ярашади, бизга эмас.
— Сиз, Асадулла Мир... кечирасиз...
— Мираъламович, деб эслатди нозир.
— Ҳа, Мираъламович, дипломатия сиёсатидан бехабар бўлсангиз керак. Ҳар бир давлат, ким бошқаришидан қатъи назар, ўзга давлатлар билан дипломатик алоқалар ўрнатишга мажбур. Дипломатик алоқаларнинг эа ўз қонун-қоидалари бор.
— Алдашни асос қилиб олган қоидаларими? Йўқ, бу бизга тўғри келмайди. Эски дунёнинг бундай дипломатияси бизга тўғри келмайди.
— Янгиси, маъқули борми?
— Унисини билмайман. Лекин... бўлиши керак, бўлади. Бир-бирини алдаш билан қанақа дўстлик ўрнатиш мумкин, ҳеч тушунолмаяпман.
— Бу ҳақда кейинроқ бафуржа мулоҳаза қиламиз, — деди нозир, уларни муросага келтириш ниятида. — Ҳозир Тарзининг мактубини таржима қили беринглар. Шу бугуноқ Москвага етказишимиз керак.

Асадулла Туркижроқўм мажлисида Хмарин номзодини эшитганида, бир нарсага ҳайрон бўлган эди: шу пайтгача подшога астойдил хизмат қилган, кимлардир асос солган дипломатия қоидаларини тўғри деб билувчи бу одамга шундай вазифани қандай ишониб топширишди экан? Фақат шахсий таассуроти эмас, балки мана шу мулоҳазалар пайдо бўлгани учун ҳам Хмарин номзоди Асадуллада иккиланиш уйғотган эди. Талъат мақсумнинг, сўнг Рафиқ Ирисовнинг гапларидан кейин бу иккиланиш қайта уйғонди. Карки сари юришга ўзи буйруқ бергани ҳолда айбни ўзгага юклаши эса шубҳа эшигини очиб юборди...

Тунни кемада ўтказдилар. Кун ёйилганда «мажруҳ» вагонларга жойлашиб, «қайдасан Кўшк», деб йўлга чиқдилар. Шуваловнинг яраси хавфли эмас экан, докторлар унинг сафарга чиқишига монелик билдирмадилар.

4

Кўшк йўли бехатар бўлса-да, Асадулланинг юрак-бағрини эзиб юборди. Йўл четларида уруш даҳшатидан дарак бериб турувчи куйган уйлар, қорайган ўчоқлар, сўппайиб қолган мўрилар, яқин-яқин ердаги инсон мозорлари, ҳайвонларнинг ўлимтиклари... Гўё бу қумлик улуғ маҳшаргоҳ кўринади. Мана шу куйган уйлар одамларнинг бахти эди. Бу уйларга ҳам қалдирғочлар баҳор келтирар эдилар. Бу уйларга ҳам қалдирғочлар оз бўлса-да бахт, оз бўлса-да шодлик олиб кирар эдилар. Энди уйлар куйган. Энди қалдирғочлар йўқ. Инсонларнинг нотинчлиги беозор қушларни ҳам тўзитган. Қайғуга банди бўлганда кўзга тор кўринган бу уй бахти чечаги кулганида олам қадар кенг, олам қадар гўзал кўринарди. Энди бу одамлар қайда? Тирикми улар? Ё мозористонни макон қилганмилар? Ё айрилиқнинг темир тирноқлари орасида нола чекиб, бу ерлардан бош олиб кетганмилар? Бундаги қалдирғочлар қайда? Қай ерларда осойишталик излаб чарх ураётган эканлар?

Асадулла шу ўйлар гирдобида туриб, ўз уйини эслади. Ўша қорайиб, тутаётган уйини, супа устини, супада жизғанаги чиқиб ётган хотини, унга ёпишган кенжасини эслади. Кўз олдидаги ҳамма нарса айқаш-уйқаш бўлиб кетди. Харобазорлар ердан узилиб, вагон билан ёнма-ён чопаётгандай, «менга қара, мендан кўз юмма, мени унутма», деб нола қилаётгандай бўлди. Харобалар «югура-югура» чарчагандай, ортда қолиб кетди. Ана шунда... болалари кўринди. Шод, чақ-чақлаб ўйнаётган болалари эмас, куйган азобланган болалари кўринди. Улар тинмай югуришади. Нимадир деб бақиришади. Асадулла эшитмайди. Поезд ғилдиракларининг тарақ-туруқидан бошқа товуш қулоғига кирмайди. Ғилдираклар эса бир меъёрда, «Бу нимаси? Бу нимаси?», деб овоз чиқараётгандай...

Асадулла анчагача шу туйғуларга банди бўлиб турди, кейин ўзини босиб, фикри тиниқлашгач, хаёлига сатрлар қуйилганини ўзи ҳам сезмади:

Гуллар хазон ўлмиш, тикони қолмиш,
Боғлар барбод ўлмиш, хазони қолмиш.
Золим фалак бу элларга қаҳр этмиш,
Хонавайрон, синган қозони қолмиш...

Кўпдан бери, айниқса, уйи ёнгандан бери хаёлига шеър келмаган эди. Даҳшатли манзаралар уни кутилмаганда шеърга қайтарди. Лекин бу оний ҳолат уни тезда тарк этди. Кўкрагидаги оғриқ қўзғалиб, кўзларини юмди. Шуваловнинг маслаҳатига кўра, яхши кунларни, бахтли дамларни эслашга ҳаракат қилди. Даҳшатга тирик гувоҳ бўлиб турганингда қувончли дамларни эслашга уриниш бачкана туюларкан. Ўзининг ҳаракатидан ўзи нафратланиб, кўзини очди: рўпарада Зикриё афанди кўзини юмиб ётарди. Пастки ўриндиқда боши боғлоқлиқ Шувалов ўйга толган. Ушинский тирсагига таяниб, нигоҳини ташқарига тиккан. «У ҳам харобазордан даҳшатга тушганмикин? Индамай қолгани қизиқ. Ахир темир эмас, одам-ку, юрагига найза ботгандир, жим кетиши шундандир. Ё бошқа сабабми? Рафиқ айтган ғайридин шу эмасми? Шувалов асосан шундан шубҳаланяпти. Ушинский Карки йўлидан борамиз, деб туриб олганидан кейин шубҳаси яна ҳам ортди. «Боз гардад ба асли худ ҳама чиз, зари софию нуқрау арзиз»1, дейишлари бежизмас. Мана, Саид Ғаффорбек — Рафиқ Ирисов сўнгги нафаси олдида аслига қайтди-ку? Ушинский асл қиёфасини қачон кўрсатади? Агар Шуваловнинг шубҳаси тўғри чиқса, кўп вақт ниқобда юрмайди, сафар оёқламай ўзини ўзи фош этишга мажбур бўлади. Балки у душман одами эмасдир? Бу аҳволда қанча юради? Юрт бошига мусибат тушгунчами? Ҳа, бунақалар мусибатнинг илк дақиқасидаёқ бошқа томонга ўтишга мамнуният ила шай туришади. Энг хавфлиси ҳам шу — кўзингнинг ёғини еб юради, суянсам суянчиғим, ёпинсам ёпинчиғим, деганингда ҳам суянчиқсиз, ҳам ёпинчиқсиз қоласан.

Ушинский лип-лип ўтаётган йўл четидаги харобазорга кўзларини тикиб ўтирган бўлса-да, хаёли бошқа ёқда эди. «Мираъламовнинг феълини билардим, буларга қўшилмаслигим керак эди. Содиқлигимни кўрсатаман, деб топшириққа бўйсунишим — менинг калтабинлигим. Содиқ одамдан қачон миннатдор бўлишибди? Содиқ одамнинг қисмати бир — бевақт шарафсиз ўлим. Булар сафига ўтган эдим, менга ким қўювди садоқатни кўз-кўз қилишни. Садоқатлиларнинг ўн тўрттаси ётибди ер тишлаб. Шуларни кўриб ҳам ақлим кирмабди-я. Умуман, ўйиндан чиқишим керак эди. Пайт пойлашим керак эди. Энди кеч... Манави жандармдан эҳтиёт бўлишим керак. Менга кун бермайди энди...»

Шувалов кўзларини юмиб ётгани билан уйғоқ эди. У Оренбургни, унда қолган хотини, бир ўғил, бир қизини ўйларди. Оиласини Москвага жўнатолмай қолди. Ўртоқлари ваъда беришгани билан кўнгли нотинч. Агар Дутовнинг одамлари собиқ жандарм Шуваловнинг болшевик экани, ҳозир Туркистон ЧКсида хизмат қилаётганидан хабар топишса оиласини омон қўйишмайди. У оиласини Москвага, ундан Тулага, отасининг ҳузурига жўнатмоқчи эди. Йўлнинг хатарга тўла эканини биларди, аммо ўзга чораси йўқ эди. Шуваловнинг ҳам қалбида айрилиқ жафоси бор эди, шу сабаб Асадулланинг дардини эсласа, оиласи ёдига тушаверади. Назарида болаларини атаман Дутов тириклайин ўтга ташлагандай бўлади. Ҳозир ҳам хаёлини шу машъум фикр ёритди. Сесканиб, шарт кўзини очди.
— Кунингиз хайрли бўлсин, — деди Ушинский, худди унинг уйғонишини пойлаб ўтиргандай, — яхши тушлар кўрдингизми?

Шувалов ёмон хаёлини ҳайдамоқчи бўлгандай, бошини силкиб, керишди.
— Бунақа шоҳона вагонда фақат шоҳона туш кўрилади. Агар лозим бўлса, айтиб беришим мумкин.
— Виталий Сергеевич, пичинг қилманг.

Шувалов унинг кўзига тикилиб, ёвузлик учқунини кўрмади. Хаёлида кутилмаганда уйғонган гап ўзига маъқул келиб, сохта жилмайди.
— Пичинг қилаётганим йўқ, Вениамин Самойлович, тушимда изимизга тушган айғоқчини нақ пешонасидан отиб ташлабман. Менинг тушим ҳамиша ўнгидан келади.
— Айғоқчи? — Ушинский саросималанди. Бармоқлари енгил титради. Буни Шувалов ҳам, тепада кузатиб ётган Асадулла ҳам сезди.
— Ичимизда айғоқчи бор эканми?
— Ким айтди? — деди Шувалов унинг кўзига тикилиб.
— Ўзингиз, ҳозир айтдингиз-ку?
— Э, омон бўлинг, мен тушимни айтдим сизга.

Шувалов шундай деб кулди-да, Ушинскийнинг елкасига оҳиста уриб қўйиб, даҳлизга чиқди.

Асадулла уларнинг суҳбатига аралашмади.

Кўзини юмиб ётган Зикриё афанди бўлиб ўтган суҳбат тубида оғир тош яширинганини сезди. «Ораларида ихтилоф бор. Ушинский деганлари бошқача одам. Шуваловнинг турган-битгани сир. Хмарин, киборлиги демаса, бамаъни, билимдонга ўхшайди. Хонимчанинг сирли қарашлари, нозли кулишлари ғалати, бу Оврупо одамлари учун ғайритабиий эмас, аммо шарқликларга ҳазм бўлиши қийин. Сафарга аёлни олиб нима қиларди. Шуни деб ғалва чиқмаса эди. Ихтилофга барҳам бера олишмаса, оқибат нима бўлади? Юрт аҳволи нима кечади?»

Зикриё афанди йўлга чиққанида Кобулга етиб боришни, Ҳиндистон муваққат ҳукумати аъзоларига вакола ҳайъатини таништиришни орзу қилган эди. Буларнинг аҳил эмаслигини сезиб, кўнглига ғулғула тушди. Бири бир ғояни, иккинчиси иккинчи ғояни айтиб турса, ҳукумат аъзолари нима дейишади?

Поезд хариш бўлган бедаво отдай судраларди. Вагон дам-бадам силкитганда чалқанча ётган Синелникованинг кўкраклари юпқа кўйлакни титратади. Қўлларини болиш қилиб олган бу зебо аёл эшик ўрнига тортилган пардага кўз тиккан. Кимнингдир, ким бўлса майли, кириб келишини кутади. Аввалига Асадулланинг кириб келишини истади. Бева эркак аёл имосига илҳақ бўлади, лекин бу Мираъаламовичдан садо чиқмайди. Шоир бўлиб севги ҳақида шеър битмаган эркак эркакми? Синелникова шуни ўйлайвериб, боши қотиб кетди. Охири Асадулла ҳақида ўйламасликка қарор қилди. «Бу эркак билан зериккан маҳалда фақат адабиёт ҳақида суҳбатлашиш мумкин», деб қўйди. «Вениамин Самойлович — тайёр пишган ош. Истасам ейман, истасам чайнаб, тупуриб ташлайман, истасам итларга бераман... Бунақа шилта, арзон-гаров одамларни итга берган маъқул. Унгача силаб-сийпаб туриш керак. Муҳожирнинг иши осон. Нафасим тегса, боши айланиб, тиз чўкканини ўзи ҳам билмай қолади. Чекист — чақилмайдиган ёнғоқ. Унга қип-яланғоч рўпара бўлсанг ҳам, аввал ҳужжат текширади. Бунақалардан узоқроқ юрган маъқул. Хмарин... О, у менинг содиқ қулим бўлиши керак. Ҳозир гўё мен сичқону у қорни тўқ мушук. Нима ҳам қилардик, мушук жанобларининг қорни очар, кейин изимдан эмаклаб қоларлар...»

Шундоққина қўшни хонада Хмарин оёқларини чалиштириб ётган ҳолда папирос тутатарди. Синиқ деразадан кираётган илиқ шамол папирос тутунини бир онда тўзитиб, кўздан йўқотарди. «Биз ҳам тутунга ўхшаб қолдик, — деб ўйлади у, — Россия тўзиб кетди. Бечора Россия. Шундай қудратли мамлакатнинг пароканда бўлиши мумкинлиги ғалати ҳол. Ақлга сиғмайдиган ҳодиса. Тарихнинг қалтис хатоси. Император-ку, илдизига қурт тушган, чириб адо бўлган дарахт эди. Керенский ҳукумати-чи? Нимага анқовсиради? Нима учун ҳокимиятни бой бериб қўйди? На сиёсатдан, на давлат юритишдан хабари бўлган одамларнинг қўли баланд келса?! Ушинский деганларини элчихонага фаррош қилиб олмас эдим. Энди менга ақл ўргатмоқчи. Нодон! Унга фақат Шувалов бас келади. Ҳар ҳолда дворян дворян-да. Муомаласидан билиниб турибди. Болшевикларга нимага аралашиб қолган экан бу? Яна ЧКга... Мираъламов покиза одам экан. Унга дипломатияни ўргатмаса ҳам бўлади. Шарқли зиёлилар муомаласининг ўзиёқ дипломатга хос. Бошига оғир кулфат тушса ҳам билдиргиси келмайди. Бу одам лойдан эмас, тошдан ясалган бўлса керак. Муҳожирнинг феъли ҳам Мираъламовга ўхшайди. Бунинг хомхаёллигига ҳайронман. Ҳиндистонни Англия чангалидан тортиб олиб бўларканми? Ҳиндистон — Англияга бир умрга берилган неъмат. Афғонистон ҳам узоққа бормайди. Бу уринишлари аввалги буюк Россия даврида наф берарди. Болшевиклар инглизларга қарши нима қила олишарди? Дипломатлар вагонининг аҳволи бу. Яхши ҳамки шу вагонларда Кобулга кириб бормаймиз. Йўқса... Э, Тангрим, Россияда нима қасдинг бор эди? Мен нима гуноҳ қилган эдим. Мен саргардонликни эмас, саройларда виқор тўкиб юришларни умид қилиб эдим-ку? Юрагим кечагина тўлган коса янглиғ эди. Бугун эгасиз бўш ётоққа айланди. Гоҳо равшан, гоҳо хира бу оламдаги дабдабалар момақалдироқдай ўткинчи экан-да, а? Россиянинг қудратини қайтариб бер, Тангрим. Исо Масихнинг жонини қайтариб бергансан-ку, унинг умматларига ҳам ишончни, қудратни қайтар...! «Хмарин хаёлидан шу гаплар ўтиб беихтиёр ўрнидан турди-да, шошилиб чўқиниб қўйди. У художўй эмас, чўқинган онлари камдан-кам бўларди. Ҳозирги иши бир оздан сўнг ўзига ҳам наша қилиб, аччиқ кулимсиради. «Асабларим чарчабди. Бу одамлар билан муомала қилиш учун темир асаб керак. Яхши ҳам Валюшани ёнимга олдим. Лекин... хонимнинг кўз сузишлари сал бошқача бўляпти. Огоҳлантириб қўйишим керак... «Имрўз букуш чу метавон кушт. Оташ чу баланд шуд жаҳон сўхт»1, деганлари рост...»

Хмарин шу қарорга келиб, ўрнидан турди.

Қўшни вагон афғонларга берилган, Ғуломқодир эшикка яқин бўлмада, уч сарбоз билан бирга эди. Юрагига гап сиғмай, сарбозлар гурунгига қўшила олмаган Ғуломқодир вагон эшигини очиб, зинага ўтириб олди. Илиқ шамол уни ялаб-юлқай бошлади. Кемада Карки томон йўлга чиқишганда у хотиржам эди. Ҳатто пистирмага дуч келганда ҳам ўзини йўқотмади. Лекин Кўшк — Ҳирот орқали Кобулга борилажагини билиб, безовталанди. Кобулга агар Ҳазора йўли билан кетилса, Чораймоқни босиб ўтишади. Демак ўша ерда... унинг куни тугайди. Киндик қон тўкилган очофат ерга энди юрак қони тўкилади. Унинг гуноҳлари беҳисоб кўпайди. Оллоҳнинг марҳаматига умид йўқ. Серсоқолни отганда кўзи тинди. Илгари ҳеч бундай бўлмаган эди. Бегуноҳ одамни отиб, Худонинг қаҳрини келтирдими? Оллоҳ шунинг учун уни Карки йўлидан қайтариб, Ҳазора йўлига рўпара қилдими? Чораймоқда кимнинг қиличи қонсираган экан? Унинг жонини ким олар экан? Пешонасида шундай шармандали ўлим борлигини билса, бунчалар саргардонликка кўнармиди... Ғуломқодирнинг ёзуғи фақат шуми?.. Шу гапларни хаёлидан ўтказган совар кўзларини чирт юмиб, инграб юборди.

Вагон тўрида, алоҳида бўлмага жой қилдирган Мирза Қандилхон хаёли кемадаги воқеалар билан банд эди. Бухоро амирининг истаги билан қўшилган Саид Ғаффорбекнинг хатти-ҳаракати, ҳалокати унга сир бўлиб қолди. Бухоро ерида отиш очганларга амир номидан сўз айтмагани бир сир, отишда ўзини тутмай, тўппонча билан ташқарига чиқиб, оқибатда ўқ еб пастга қулаши ўн сир, «болшевик сардор»га гап айтгани юз сир эди. Энг алам қиладигани — бу сирларнинг биронтасига ҳам унинг тиши ўтмас эди. Кемадан поездга эмас, сирлар қанотидан алам қанотига ўтгандай безовта эди у.

... Поезд имиллаб йўл босади.

Вакола ҳайъати, афғонлар, аскарлар... ҳар бири ўз хаёли, умиди, илинжи, ўз ташвиши, ҳижрони, дардини ортмоқлаб Туркистон ҳудудига тобора яқинлашар эди.

5

Чилланинг учинчи куни Кўшк уларни оташ нафаси билан қаршилади. Қизиган тош устида тухум тугул кабоб пиширса ҳам бўлгули эди. Тоғу тош табиий истеҳком вазифасини ўтовчи бу қадимий тилсимот қалъанинг булоқлар отилиб турган соя ерида жон сақладилар.

Асадулла, Шувалов ва қалъа коменданти ичкарига кириб, Тошкент билан боғландилар. Карки йўлидаги воқеа шундан сўнг ойдин бўлди: полковник Ламкард Каркини ўраб олиб, қалъани топширишларини Асхобод ҳукумати номидан талаб қилган, Карки йўлида учраган зотни қириб ташлаган эди.
— Ҳаммаси пухта режа билан қилинган, — деди Шувалов, телеграф тасмасини ўқир экан. — Қирғинни бошлашлари билан овулларга хабар кетган. Туркманлар ҳақиқатни англашга улгурмаганлар.
— Ўртоқ Шувалов, — деди комендант, — кеча менга ғалати хабар етказдилар. Шаҳар атрофида қаландарларми, шайхларми, пайдо бўлиб, аҳолини Афғонистон ихтиёрига ўтишга чорлаётган эмиш. Бу ерларни руслар босиб олишган, энди Афғонистонга дейишаётганмиш.
— Бугуноқ уларни қўлга олинг.
— Ахир улар қаландарлар... халқ норози бўлади.
— Бизга шу қаландарлар керак, — деди Шувалов қатъий оҳангда.

Комендант тушунмагандай елка қисиб қўйди.

Бу пайтда ёнига сарбозларни олиб йўлга чиққан Мирза Қандилхон Афғонистоннинг сарҳад ҳокимига рўпара бўлди. Йўлдаги саргузаштларни баён қилиб, ваколанинг Кобул сари юрмаги учун лозим бўлган от-улов рўйхатини берди. Сарҳад ҳокими Ҳирот ноибига ҳозироқ чопар жўнатажагини маълум қилиб, йўл босиб ҳориган биродарларига дастурхон тузади.

Инглистоннинг муҳорибани бас қилгани ҳақидаги хушхабар шу дастурхон устида айтилди. Барча шукрлар айтиб, бир-бирини муборакбод этганда Ғуломқодирнинг ичини мушук таталагандай бўлди. Йўқ, у хушхабардан норизо эмасди, билъакс, юртга омонлик мушарраф этилганидан мамнун эди, аммо бурчини, қасамини адо этолмаганидан, муҳорибадан йироқ ерларда ўзга юмуш билан банд эканидан, энди қасос умиди сўнгги нафасига қадар армон бўлиб қолишидан афсусда эди. Умри тобора қисқариб бораётганини сезгани учун эмас, армонда кўз юмажагини билгани учун фиғон чекарди. Унинг нолаю фиғонларига бегона биродарлари эса ҳам хушхабардан, ҳам юрт тупроғига эсон-омон етиб келганларидан сармаст эдилар...

Улар қош қорайганда ётоқларига қайтишди. Кечки салқинда баҳри-дили яйраган Хмарин уларни кўриб, гап қотди:
— Мирза Қандилхон, бизни ташлаб Афғонистонга ўзингиз жўнавордингизми, деган хавотирда эдим.

Мирза Қандилхон табиатан ҳазилга тоби тоқати йўқроқ эди. Устига-устак нўноқ ҳазил билан қаршиланиб, дами ичига тушиб кетди. Ёмон гап айтиб юбориб, балога қолмай, деб тилини тишлади. Хмарин эса бунинг ҳолатини тушунмай: «Ғалати киши экан-ку», деб ҳайрон бўлди.

Йўл азоби кучини кўрсатди, тонг беозоргина, жимгина бостириб кириб, қушларни уйғотди, аммо уларни уйғотмади.

Шуваловнинг буйруғини бажариб, қаландарни бошлаб келган комендант уларни уйғотгиси келмай, булоқ бўйида анчагача ўтирди.

Биринчи бўлиб Хмарин уйғонди. Ярим-яланғоч ҳолда ювингани чиққан элчи дарахтга суяниб, оёқларини баҳузур узатиб ўтирган қаландарни, ундан сал нарида милтиқ ушлаган аскарни кўриб, ажабланди.
— Ким бу? — деб сўради комендантдан.
— Қаландар... Тескари ташвиқот билан шуғулланаётган экан.
— Қизиқ... қизиқ... — деди Хмарин, — қаландарлар ҳам сиёсатчи бўлиб кетишибдими? Бу ерга нима учун олиб келдингиз?
— Буюрилган, — деди комендант, гапни қисқа қилиб.
— Қизиқ... қизиқ дипломатларнинг ҳам иши ўзгариб кетган шекилли?
— Хмарин шундай деб уй томон қараб бақирди: — Виталий Сергеевич, сизни кутишяпти!

Хмарин ювиниб олгунича ичкаридан бошқалар ҳам чиқиб, қаландар суяниб ўтирган чинор олдида тўпланишди.
— Мираъламович, сўраб кўр-чи, туркманларни нимага аврашяпти экан?

Асадулла таржима қилди.
— Афғонистон муҳорибадан азият чекяпти, ёвқур сарбозлар керак. Туркман биродарларимизнинг кўмагига муҳтожмиз, — деди қаландар.
— Ерларига-чи? Ерларига муҳтож эмасмисизлар?— деди Асадулла.

Қаландар елка қисиб қўйди, аммо жавоб бермади.
— Менга қаранг, — деди Хмарин қаландарга, — қачондан бери аскар тўплаш қаландарларга қолган?
— Биз пиримизнинг истакларини бажо келтиряпмиз.
— Пирингиз ким?

Қаландар ўйлаб ўтирмай, калласига келган номни айтди.
— Уруш тугагандан кейин аскар тўплаши қизиқ буларнинг, — деди комендант.
— Ҳа. Буларнинг мақсади фақат аскар тўплаш эмас... — деди Шувалов. ўйчан ҳолда. — Николай Захарович, буни эслаб қолинг. Буларнинг бошқа даъвоси борга ўхшайди.
— Бу табиий, азизим, — деди Хмарин. — Икки қўшни мамлакат алоқа ўрнатаётганда албатта чегара масаласи кўтарилади.
— Чегара масаласи? — деди Ушинский ҳайрон бўлиб. — Биз афғонларнинг ерига даъво қилмаймиз.
— Бунақа нарсаларни йўлга чиқмай ўрганиш керак эди, азизим Вениамин Самойлович, — деди Хмарин. — Дипломатик алоқа ўрнатиш осон эмас. Амирнинг маслаҳатчилари уни турли мақомга солишлари мумкин. Бунақа гапларга шай туришимиз лозим. Карки йўлини тўсганлар амир билан дўст тутинишимизга осонликча кўна қолишмас. Уларнинг бир найранги, мана, ойдин бўлиб турибди. Улар дарёнинг бу бетини сўрашса керак. «Аҳволимиз танг, халқ оч, унумли ерларга муҳтожмиз» дейди, у дейди, бу дейди, хуллас, минг баҳона рўкач қилишади. Бу қаландарингиз шунга пойдевор ҳозирлаяпти, ишонаверинг. Дипломатия тарихида бунақа ўйинлар кўп бўлган.
— Буни нима қиламиз унда? — деди Шувалов иккиланиб.
— Нимага туттирдингиз? Сўроқ қилиш учунми? Сўроқ қилинг.
— Нимани сўрайман, маълум-ку?
— Маълум эмас, азизим, бу одамга яхшироқ қаранг: қаландарга ўхшамайди. Жандани яқинда кийган. Юзларига қаранг: офтобда куймаган. Бу оёқлар кўп пиёда юрмаган. Қаландарларни билмас экансиз.
— Қайдан биламан... Раҳмат сизга, Николай Захарович... Мираъламович, унга таржима қил: тўғрисини айтса айтсин. Нимага юборилганини биламиз. У билан пачакилашиб ўтирмаймиз, ҳарбий ҳолат қонунига кўра шу ерда отиб ташлаймиз.

Асадулла таржима қилди. Шувалов тўппончани ғилофдан чиқарди.
— Бундай қила кўрманг, — деди Ушинский.
— Жим бўлинг, — деди Шувалов зарда билан, кейин бир-икки қадам олдинга босди.

Қаландар бирпас жавдираб турди-да, сўнг икки қўлини кўтариб, тиз чўкиб, жонҳолатда гапира бошлади. Шуваловнинг таваккал билан юритган иши кутилган самара берди.
— Пирининг номини айтди: кобуллик Қодир оға ҳазрат экан, — деди Асадулла.
— Яхши. Пирининг олдига биз билан бирга боради. Сўраб кўр-чи, бу амирнинг фармони эмасмикин?

Бу саволга жавобан қаландар бош чайқади.
— Комендант, кетгунимизча қамаб қўйинг. Бошингиз билан жавоб берасиз. Мираъламович, сен афғонлар билан гаплашиб кўр-чи, бу пирнинг саройда мавқеи бормикин?

Комендант билан аскар қаландарни олиб кетдилар.

Худди Нева соҳилларида сайр қилиш учун отлангандай кийиниб олган Синелникова уларга яқинлашиб, нозли оҳангда деди:
— Сирли мажлисингиз сизларга овқат ўрнида ўтар, аммо мен нонуштани афзал кўраман. Вениамин Самойлович, сиз-чи?

Бу саволдан Хмариннинг ғаши келиб, тескари қараб олди. Айтган эди-я, бу хонимчага, эркакларга суйкалма деб, ё атайин ғашига тегяптими?

Ушинский Синелникованинг саволига жавобни ҳаяллатмади.
— Ҳа, ўртоқлар, хонимнинг танбеҳлари ўринли, — у шундай деб олдинга тушди. Синелникова уни қўлтиқлаб олди.
— Эрталабдан нима ғалва, Вениамин Самойлович, бир таъвия ўтирувди анави ерда, бировни ўлдирмоқчи эканми?
— Э, йўқ, шунчаки бир қаландар. Пирининг гапига кириб бу ерлар Афғонистонга ўтиши керак, деб ташвиқот қилиб юрган экан.
— Шунга шунчами, энди уни отсалар керак, а?
— Йўқ, Валентина Николаевна, биз билан бирга кетар экан.
— Шу етмай турувди.
— Сиз азият чекманг, афғонларга қўшиб қўямиз. Ўзлари олиб боришади.
— Вениамин Самойлович, сут ичганимиз йўғ-а?

Синелникова шундай деб гапни усталик билан чалғитиб юборди.

Ушинский изма-из келаётган Хмарин кўзидаги ғазабдан бехабар, Синелникованинг ийиб қолганидан ўзида йўқ хурсанд эди...

Кўшк уларни ипсиз боғлади. Улар Ҳиротдан дарак, нафақат дарак, от-улов етиб келгунга қадар кутишга маҳкум эдилар. Кутиш ҳаммадан ҳам Хмаринни эзиб юборди. У котибасининг қилиқларидан хавотирга тушди. Назарида бу дунёни аланга олиб бўлган, энди ўчириш амримаҳол эди. Хмарин охирги чорани қўллаб, «Тошкентга қайтариб юбораман», деб пўписа қилгач, Синелникова пича инсофга кирди. Шунда ҳам Хмариннинг кўнгли тинчимади.

Ипсиз боғланишнинг учинчи куни, оқшом маҳалида уларнинг қароргоҳига ўнга яқин руслар кириб келиб, бараварига таъзим қилишди.
— Келинглар, меҳмонлар, — деди Хмарин уларга пешвоз чиқиб. Кўнглидан эса, «мужикларнинг шундай таъзим қилиши қандай яхши», деган гап ўтди.
— Биз шу ерлик деҳқонлармиз, жаноб, — деди қорувли, тепакал одам. — Билишимча, афғон амирининг вакили бор эмиш.
— Ҳа, бор, нима эди?
— Арз билан келдик.
— Нима, сиз Афғонистон ерида яшайсизми?
— Йўқ, жаноб, лекин афғонларга арзимиз бор.

Мирза Қандилхон чинор ёнидаги супага тўшалган кўрпачада ёнбошлаб, чилимни ғуриллатиб тутатарди. Хмарин уни кўрсатди.
— Амирнинг вакили ўша одам. Сизларга... таржимон керакдир?
— Йўқ, жаноб, миннатдормиз сиздан, биз форсийда гаплашаверамиз. Умримиз шу ерларда ўтяпти, тилини ўрганиб олганмиз.

Деҳқонлар супага яқинлашиб, Мирза Қандилхонга эгилиб таъзим қилдилар. Хмарин қизиқиб, улар ортидан борди.
— Сардор, — деди қорувли, тепакал деҳқон, — сизга арзимиз бор.
— Менгами? — Мирза Қандилхон ажабланиб, Хмаринга қаради.
— Сизга, сардор, — деди меҳмон, — арзимиз шуки, Афғонистондан қароқчи босяпти. Жамшидий деган бир қабила бор экан. Улар бу тупроққа ўтиб, молларимизни афғон тупроғига ҳайдаб, шуйла ўғирлик ила касби маишат қиляптилар.
— Жамшидийларми? Ким айтди сизга?
— Бировини тутдик.
— Қани у?
— Жамшидийларни инсофга келтиришга ваъда берсангиз, уни сизга топширамиз, йўқса, ўзимиз чорасини кўрамиз.
— Мен сарҳад ҳокимига, ундан ўтиб, Ҳирот ноиби ул ҳукумасига арзингизни айтаман. Сиз тутган одамни ноибга етказаман.

Икки деҳқон тўпдан айрилиб, дам ўтмай афтлари моматалоқ бўлиб кетган бир қўлли одамни бошлаб келишди.
— Юртни сарафканда қиляпсанми, қўлинг чопилгани кам эдими, малъун, энди бошинг кетгай! — Мирза Қандилхон шундай деб гуноҳкорни тепди. Бир қўллик одам чекинди-да, ўзини ўнглай олмай, гурсиллаб йиқилди, анчагача ўзига келолмади.
— Ғуломқодир! — деб қичқирди Мирза Қандилхон, жойига қайтар экан, — Оёқ-қўлини боғла, Ҳиротга элтгаймиз.

«Сафимиз икки кишига кўпайибди-да», деб кўнглидан ўтказди Хмарин.

Кечки овқатдан сўнг, чойхўрлик қилиб ўтиришганда Хмарин дафъатан Мирза Қандилхонга гап отиб қолди.
— Сўзларингиз эътибори борми ўзи, уч кундан бери тириклай михладингиз-ку, ё амирнинг ўзи бунга келмоқчими?

Мирза Қандилхоннинг пиёла ўшлаган қўли бир зум муаллақ қолди. Ўзича бир нима деб ғўлдиради, бироқ сўз айтмади. Пиёлани дўқ этиб дастурхон устига қўйди-да, ўрнидан туриб кетди. Ушинский билан Шувалов улар орасида нима гап ўтганини тушунишмади. Шу сабабли Асадулла Хмаринга форсчалаб деди:
— Николай Захарович, ўринсиз таъна қилдингиз. Ахир афғонлар бизни бу ерда кутишмаган-ку? Ҳиротга темир йўл бўлсайкан, поездга чиқиб кетаверсак. Уч-тўрт киши бўлсак экан, уч-тўрт от билан йўлга тушсак. Хабар бориб, то от-улов ҳозирлангунча чидаймиз-да. Шуни бошқалар айтса ҳам сиз айтмаслигингиз лозим эди. Сиз бу ерларнинг шароитини яхши биласиз.
— Мен ҳазиллашмоқчи эдим.
— Ҳазилингиз қўполроқ чиқди. Узр сўрасангиз чакки бўлмас.
— Менми? — Хмарин ҳайратланди. Кейин бир оз ҳовурдан тушди. — Яхши...
— Нима бўлди ўзи? — деди Шувалов, Хмарин ўрнидан туриб кетгач.
— Шунчаки... — деди Асадулла, — шахсий гап бу.

Нонуштада Мирза Қандилхон кўринмади. Гарчи Хмарин узр сўраган бўлса-да, шомда айтилган гап кечаси билан унга тинчлик бермай, тонг-саҳар уйғотиб, сарҳад ҳокимига етаклади. Пешинга яқин анча чиройи очилган ҳолда келди.
— Марҳаматли соҳиб, — деди у Хмаринга енгил қуллуқ қилиб. — Афғонистон туфроғи сизларнинг пойи қадамларингизга маҳтал. Ҳиротдан минмагингиз учун сара отлар, йўлда тикмак учун ҳайма1, ҳар хил асбоб-таомларни юклаб кетмоқға улов, сизларни азиз жонларингизни муҳофаза этиб кетмоқға оз бўлғонда эллик аскар йўлга чиқиб, кечи билан эртага Кўшкда бўлур2.

Дарёдаги азоблар, мажруҳ вагонлардаги сафардан сўнг отда йўлга чиқиш кўпчиликка сурур бўлиб кўринди.

Мирза Қандилхон айтгандай, от-улов эртасига пешинда етиб келди. Бу ҳашамни кўриб, бошқалар у ёқда турсин, дипломатия дабдабаларидан бохабар Хмарин ҳам ҳайратга тушди. «Бунақа шоҳона сафар тушимга ҳам кирмаган эди», деди у Асадуллага. «Шундан билингки, бизга илҳақ улар», деди Асадулла.

Учинчи қисм - Куздаги баҳор нафаси

Биринчи боб - ҳирот

1

Миркомил ҳожининг бир одати бор: агар бошлаган иши ҳаддан ташқари силлиқ кетса, хавотирга тушади. У: «Сиёсат бобидаги ишми ё тижорат юмушларими то охирига қадар силлиқ битмайди. Қаердадир қоқилади», деб қаттиқ ишонади. У, мардлик билан иш юритувчи бой, бир нарсадан — кўз тегишдан ҳайиқарди. Бухорога оппа-осон келиши, Талъат мақсумнинг одамлари билан тузоққа илиниши, ниҳоят, Саид Олимхон ҳузурига кириб, амир билан тез тил топишиши уни сергаклантирди. Миркомилбой Бухородан Афғонистоннинг Мазори Шарифига қадар бўлган йўлни босиб ўтгунча турли хаёллар гирдобида азоб чекди.

Баъзан қум барханлари аждаҳонинг панжасидай бўлиб кўринади. Аждаҳонинг ўзига, олов пурковчи оғзига қачон рўпара келар эканман, деб кўнгли ғаш бўлади.

Мазори Шарифга омон-эсон кириб келганида сал ҳайрон ҳам бўлди. На ғаним, на қанотидаги Муҳиддин бошлиқ чапанилардан заҳмат кўрди. Кутилган ерларда аждаҳо учрамади. Наҳот у афғон ерида пойлаб ётган бўлса?! Хаустон афғон ерларида зиён-заҳмат етмаслигига кафолат бериб эди...

Миркомилбой — узоқ вақт кўрмагани, ҳамшаҳри Хасанхон ҳазрат билан қучоқлашиб кўришаётганда ҳам кўнглининг бир учи хижил эди. Тошкентдай шаҳарда эътибори катта бўлган, Қўқон мухториятига оҳам сўзини ўтказа оладиган Хасанхон ҳазрат — жуссаси кичкина, сержаҳл қария Миркомилбойни чиндан соғинганмиди ё кўнгил учун шундай қилдими, ҳар ҳолда ҳамшаҳрини бағридан дарров бўшатмади. Қўқондан Тошкентга қайтмай, Афғонистонни мўлжал қилиб жўнаворган Хасанхон ҳазратнинг эътибори бу ерда ҳам ёмон эмасди. Мазори Шариф ноибики, унинг ҳурматини ўринлатяптими, демак, ҳазрат бу ерларда бекор юрмаган.

Мазори Шариф ноибининг саройига ўша куни тошкентлик азиз меҳмон билан бирга хунук дарак ҳам етиб келди. Бу хабарни келтирган чопар барака топмади. Худди болшевикларнинг элчиларини унинг ёлғиз ўзи атайин қўлдан чиқаргандай ноибдан тепки еди. Рус элчиларнинг Карки йўлида қуролли пистирмага учраб, изларига қайтиб кетишлари Хаустон учун ҳам, ноиб, Хасанхон ҳазрат учун ҳам нохуш бир ҳол эди. Улар дарё ўзани торайган бу ерда элчиларнинг маҳв этилажагига тўла ишонар эдилар.

Элчиларнинг Чоржўйга қайтиши, айниқса Хаустонни гаранг қилди. Энди янги режа тузиш керак, тузиш ҳам бир гап бўлар, уни амалга ошириш-чи? Хаустоннинг жонига ноиб ора кирди.
— Ўрусия сафорати аҳлини Ҳиротда кутиб олмак лозим, — деди у. Хаустон: «Хўш, ундан кейин-чи?» — деган маънода қараб, сўзининг давомини кутди. Ноиб, фикрини тўла баён этишга шошилмади, Хаустоннинг тоқати тоқ бўлаёзганда яна тилга кирди: — Улар Мазори Шариф сари юришлари мумкин. Улар шу йўлда азроил чангалига тушадилар.

Хаустоннинг хаёлига ҳам шу фикр келган эди-ю, аммо иккиланаётганди. Кобулга яна икки йўл бўлса-да, Мазори Шариф орқали бориладигани улар учун бехавотирроқ эди. Карки йўлида бир ўлимдан қолган элчилар энди эҳтиёткор бўладилар ва энг хавотирсиз йўлни танлайдилар. Ноиб Хаустоннинг фикрини тасдиқлади. Шу билан бирга яхши таклиф ҳам айтди:
— Ҳиротга ишонган одамлар юборилмоғи лозим. Сафорат аҳли орасидаги одамингиз биз юборган йигитлар билан мулоқотда бўлса бас.

Хаустон ноиб хизматига суянса-да, унга тўла ишона олмас эди. У ҳаммадан хавотирланарди ва бу одати кўп ҳолда уни қийин аҳволдан олиб чиқарди. Шу боис ноиб ажратган одамлар орасига Муҳиддин билан унинг беш йигитини ҳам қўшди. Бу билан ноибнинг одамларига ўзига хос қўриқчи ясади.

Хасанхон ҳазрат Кобулга ошиқарди. Шу сабабли бу ўйинга қизиқиш билдирмади.

Ноибнинг одамлари билан Муҳиддин ва унинг чапанилари саҳарда жўнадилар. Хаустон Муҳиддинга анчагина гап тайинлади. Миркомилбой уларни берироқда кузатиб, ичидан қиринди ўтарди. Бош силкиб-силкиб қўяётган Муҳиддинга тикилиб, айтилаётган гап мазмунини уқмоқчи бўларди.

2

Сарҳад. Харитада юртларни юртлардан, халқларни халқлардан, тақдирларни тақдирлардан айириб турувчи ингичка, илонизи чизиқ. Қоғозда шундай жонсиз. Сарҳадни босиб ўтган одамгина бу чизиқнинг қудратини ҳис этади. Кобулдан Тошкентга қадар борган, Тошкентдан хатарнок, таҳликали йўллар билан юртга қайтаётган афғонлар отларидан тушиб, Яратганга таваллолар қилиб, ерни ўпдилар. Бу дамда Асадулла ва унинг биродарлари бағрида ўзга ҳис уйғонган эди. Улар сарҳадни босиб ўтишлари ҳамон, бошқа мамлакатга эмас, гўё бошқа оламга, қайтиш мушкул бўлган борса-келмас юртга қадам қўйгандай ҳис қилдилар ўзларини. Ўша кўзга таниш тупроқли йўллар, тошли сўқмоқлар давом этаётган бўлса-да, харитадаги ингичка чизиқ уларнинг қалбини шарт иккига айириб, ярмини бу томонда олиб қолгандай, айрилган қалб бўлаклари фарёд билан потирлаб бир-бирига талпинаётгандай эди.

Шу ҳислар ўз ҳукмини ўтказгани учун ҳам анча ерга қадар гап-гапга қовушмади. Устига-устак, отда сафар қилиш сурури сароб экани маълум бўлиб, баъзиларнинг она сутлари оғизларига келди. Жинга чақа танга чилдирма бўлиб кўрингандай, ҳайма, идиш-товоқ, озиқ-овқатга мосланган тарақа-туруқ аравалар улар кўзига тахтиравондай кўринди. Мирза Қандилхон уларнинг аҳволини кўриб, икки аравани юкдан бўшаттириб, жой қилиб берди.

Чордара, Милол манзиллари ортда қолди. Парвонага етишса, у ёғи Ҳирот...

Тоғ йўллари уларни чилла офтобида қовжираётган чўлга олиб келди. «Бизнинг Мирзачўлга ўхшаркан», деди Асадулла чор атрофга боқиб бораркан.

Узоқда гумбаз қорайиб кўриниб, карвон йўлни ўша томон бурди. Пишиқ ғиштдан ишланган сардоба ёнида беш-ўн чоғли одам карвоннинг яқинлашишини кузатиб туришарди.
— Туркманларми? — деди Шувалов, улар томон ажабланиб қараб.
— Шунақага ўхшайди, — деди Асадулла. — Шу ерлик туркманлардир.
— Қуролланган-ку?
— Бу ердагилар қуролсиз юрмайди, — деди Зикриё афанди, — йўқ деганидан ханжар топасиз.

Карвон сардобани гир айланиб ўраб, ҳамма ўзини муздек сувга урди. Асадулла сувдан тўйиб ичгач, гумбаз соясида хотиржам ўтириб олган туркманларга яқинлашиб, салом берди.
— Қарасам, туркманга ўхшайсизлар, нечук сиз афғонлар орасида юрибсиз ё маконингиз шу ерми? Сизлар не вақт бу ерларга келдингиз? — деб сўради ёши улуғроқ кишидан.
— Маконимиз шу ер, ёшулли. Вақтики Эрон шоҳларидан Нодиршоҳ туркманларни тахти идорасига олгандан сўнг, туркманлардан аскар ясаб, Афғонга ҳужум қилиб, бу юртни ҳам тахти ҳимоясига олган вақтида бир минг уйли туркманларни кўчириб келиб ерлашдирмиш. Бизим киндик қонимизда бурая тўкилмиш. Сенинг юмушинг надир, бурая на мақсадда келибсан?
— Тошканд деган шаҳри азимни эшитибмидингиз?

Туркманлар бир-бирларига қараб, елка қисишди.
— Туркистон туркманларидан нарида, азим шаҳарлар бор. Бири Тошканд, Туркистоннинг пойтахти. Шундан Кобулга хайрли салом етказмагимиз даркор.
— Юмушинг савоб экан. Йўлингда ҳамҳудуд туркманларнида кўрдинг?
— Кўрдим.
— Аҳволлари нечук?

Асадулла тайинли жавоб беришни билмай, иккиланди. Туркманларнинг жавоб кутиб, унга кўз тикишларидан аёнки, улар аҳволни биладилар, савол беришдан мақсадлари — эшитганларини янада ойдинлаштириб олиш.
— Туркистонда юрт оғалари бўлак бўлган, эшитганмисиз? Юртни амир ҳам, бек ҳам эмас, чорикор, ишчи, ҳунармандлар сўрайди. Бу бекларга хуш келмай, шўриш бошлаганлар. Туркманларда бу шўриш азобидан азият чекдилар.
— Эшитмиш эдик... Шўриш тугаб муродга етдиларми?
— Йўқ ҳали.
— Муродга етилса не бўлғуси, туркманларга налар берилгуси?
— Ер, сув, аёғли молларнинг бари...
— Бекларникими?
— Ҳа.

Туркмалар афсус дегандай бош чайқадилар.
— Номақбул юмуш, — деди ёши улуғроғи.
— Сабаб?
— Оллоҳ бандаларини синамоқ учун бирига мўл, бирига оз вермиш экан. Янги амир бизгада ер вермиш эди, туя вермиш эди, олмадук, бировнинг ҳаққи...

Бу гапни эшитиб Асадулланинг кўз олдига Каласдаги мўйсафид келди: «Тақдирлари бунча ўхшаш бўлмаса буларнинг, — деб ўйлади у, — ҳатто озодлик онлари ҳам бир вақтда кўз очса. Лекин... бизим эл озодлиги ўзга. Бунда... бугун амир ер берган бўлса, эрта тортиб олишдан тап тортмас ё бировга инъом этиб юборар. Ўхшаш тақдирлар шу нуқтада айри-айри бўлиб кетмайдими? Озодлик муқбил ва муваққат деб шу жиҳатдан ажралмайдими?..»
— Қочоқларми?

Асадулланинг фикри узилиб, ёнида пайдо бўлган Ушинскийга қаради.
— Йўқ, юз йиллар илгари аждодларини ҳайдаб келишган.
— О... бечоралар. Биздаги туркманларга озодлик берилди. Булар ҳам ерларига қайтишлари мумкин. Тушунтириб қўйинг.
— Ҳаққимиз йўқ бундай қилишга. Булар Афғонистон фуқаролари. Шу ерларга ўтроқлашиб қолишган.
— Ёшулли, — туркман шундай деб уларнинг суҳбатини бўлди, — муддаонг савоб эмиш, бизга қўноқ бўлиб ўт.
— Илтифотингизга қуллуқ. Аммо бизим ихтиёр афғон меҳмондорида.
— Қайда меҳмондор?

Асадулла сардоба оғзида туриб, хизматкорларга иш буюраётган Мирза Қандилхонни кўрсатди. Туркман бориб, унга нималардир деб тушунтирди. Аммо у қатъий бош чайқайвергач, туркман авзойи бузилиб, изига қайтди. Бир оз ўйланиб турди-да, энли белбоғини ечиб, кумуш сопли ханжарини олди.
— Ёдгорлик сенга, — деди ханжарни узатиб, — туркманлар ҳақида ёмон сўйламадинг. Йўлда яроғсиз юрма.
— Раҳмат сизга, мушкулларингиз осон бўлсин, — деди Асадулла тортиқни қабул этиб.
— Оллоҳ зиёда қилсин, — туркман шундай деб шерикларига имо қилган эди, улар чаққон туриб, гумбаз четидаги мешларни отларга юклаб, йўлга тушдилар.
— Ханжарни нимага берди? — деди Ушинский, улар ортидан қараб.
— Йўлда яроғсиз юриб бўлмас эмиш. Сиз ҳам у-бу олволинг, — деди Асадулла.
— Умуман... тўғри таклиф, — деди Ушинский, унинг киноясини тушунмай.

Оқшомда Парвона деган работга тушдилар. Бу ерга илгарироқ етиб келган хаймадорлар чодирларни тикишга, хизматкорлар ўчоққа олов ёқиб, қозон осишга улгурган эдилар.
— Бу ернинг асли номи Фарғона экан, — деди Зикриё афанди чодирга кириб жойлашар экан. — Бундан аввал ўтганимда ривоят эшитиб эдим. Қадимда Фарғонадан бир мўйсафид келиб бино қилган экан бу ерни. Шу боис баъзилар Фарғона ота деб ҳам юритадилар. Менга ўхшаб юртга сиғмай, бу ерларга келиб, илдиз отиб кетибди. Мусофирликда ўтса ҳам жойни обод қилиб, номини қолдирибди. Унга ҳавас қиламан. Мендан нима қолади бу дунёда...
— Зикриё афандим, сизнинг хизматларингиз работ қилишдан улуғроқ. Сиз келгусини ақл кўзи билан кўриб, ойдинлик йўлини очмоқ қасдида жонингизни тиккансиз.
— Шу йўлни очишга қурбимиз етармикин, шу кунларни кўрармикинмиз, бу ҳаракатимиз хомхаёл эмасмикин, деб кўп ўйга толаман.
— Менинг ортда қолган ўйларим бу. Хомхаёллар жилмайиб берса, дунё хандон уриб уйғонади. Дунёнинг уйғонгани аён-ку.
— Илинжим ҳам шундан, зора бир кун уйқули бахтимиз уйғонса.
— Бу энди ўзингизга боғлиқ, афандим. Халқингиз ғафлат бошига муштлаб, жаҳолат жомасини ирғитар экан, бахтнинг уйғонишдан ўзга чораси йўқ.

«Одам қуёшга ўхшаб ўзидан нур — меҳр нурини, яхшилик нурини тарқатиб туриши керак. Чунки атрофдагилар бундай нурга муҳтож бўлишади. Асадулла афанди шундай одам. Шундай ўғлонлар мавжудлиги халқнинг бахти», деб ўйлади Зикриё афанди, унинг гапларини жимгина тинглар экан.

Чодир оғзида Шувалов кўринди:
— Жойлашиб олдингларми, чой тайёрмиш, — деди у ичкарига бош суқиб.

Ташқарига чиқиб, Синелниковага ажратилган чодир ёнидан ўтишаётганда ичкаридан Хмариннинг асабий овози, кейин Ушинскийнинг тўнғиллагани эшитилди. Зикриё афанди овозларга эътибор бермагандай ўтиб кетди. Асадулла билан Шувалов эса бир-бирларига маъноли қараб қўйди.
— Хонимчанинг ноз-фироқлари менга ёқмаяпти, — деди Шувалов.

  

— Парво қилманг. Бир ўзи бўлгани учун шунақа. Ҳали унга, ҳали бунга сузилади. Шериги бўлганда гапдан бўшамас эди.
— Сенга ҳам кўз сузяпти шекилли, а? Баъзи сергап бўлиб қоляпсанлар?
— Шеърият шайдоси экан, Пушкиндан кўп ўқийди.
— Сенга шайдо бўлмаса бас, шеър ўқиса ўқийверсин.
— Шайдо бўлишига арзимайманми?
— У арзимайди сенга.

Шуваловнинг усталик билан чап бергани Асадуллага маъқул келиб, кулимсираб қўйди.

Дарёдаги таҳликали кунлар узоқлашгани сайин Ушинский гап келганда Хмариндан шубҳаланаётганини қистириб ўтадиган одат чиқарди. Бугун ҳам Хмарин Синелникова чодиридан авзойи бузилиб чиқиб, тоби йўқлиги, чарчаганини баҳона қилиб, овқат емай, туриб кетгач, элчининг юриш-туриши тобора шубҳали бўлиб бораётганини айтди. Бу гапга Асадулла ҳам, Шувалов ҳам эътибор беришмагани учун жимиб қолди.

Бу йўллар Зикриё афандига таниш бўлганидан Асадулла отда у билан ёнма-ён борарди. Хмарин билан Шувалов орқароқда, Ушинский билан Синелникова эса аравада эди. Олдинда — соварлар орасида Ғуломқодир қаддини букиброқ борарди.
— Шу йигит анча сўлиб қолди, сездингизми? — деди Асадулла унга имо қилиб.
— Сездим, дарди борга ўхшайди. Дарди бору дардкаши йўқ. Бундан оғир азоб йўқдур одамга. Назаримда, баъзан сизнинг йўлингизни пойлайди шу йигит. Сизни ҳоли топмайди ёинки дардини айтишга куч йўқ.
— Дардини айтмайди, кемада суҳбат қурганмиз.
— Булар софкўнгил, мард, ўта мағрур бўлишади. Бўйин эгишдан кўра ўзларига ўлимни раво кўришади.
— Бу ҳам йигит кишининг ҳусни, — деди Асадулла.

Парвонадан чиқиб, бир оз йўл босишгач, чўл тугаб, тоғлар бошланди. Тоғ орасидан чиқишгач, кўзларига миноралар ярқ этиб ташланди.
— Ҳиротга етдик, — деди Зикриё афанди. — Ана, тўққиз минора...

Минораларга яқинлашганда Асадулла отдан тушди.
— Шуларнинг бир қисмини Шоҳруҳ, бир қисмини Мир Ҳусайн бино қилган деб сўйлайдилар. Бундаги мадрасалар замонанинг дорилфунунлари бўлган, — деди Зикриё афанди.
— Иморатлари қани?
— Мадраса қўрғон ташқарисида эканидан инглислар Абдураҳмонхон замонида буздириб ташлашган экан.
— Нима сабабдан?
— Ўруслар Кўшкдан бостириб келишса, қўрғон ҳимоясига халал берар экан.
— Ё алҳазар! — Асадулла шундай деб ёқа ушлади. — Савод чиқармаганни жоҳил десам, бу инглислар... жоҳил эканлар, бағоят даражада жоҳил...
— Ваҳший деяверинг. Бунинг қадрига етмаганга ўзга ном йўқ.

Ҳар бирининг баландлиги икки юз, айланаси йигирма газ келиб қоладиган миноралар машъумликларга гувоҳ бўлавериб, емирилиш палласини бошлаб юборган, нақшларидан нур кетиб, хатти кўфий ила ёзилмиш оятлар англаб бўлмас даражага тушган эди.

Асадулла минораларга анчагача тикилиб турди.

«Бу ерлар қачонлардир гавжум бўлган. Қачонлардир Шоҳруҳ мирзо, Улуғбек мирзо, Мирзо Ҳусайн Бойқаролар асъасаю дабдабалар билан ўтишган бу ерлардан. Минораларнинг совуқ ғиштлари балки мир Алишернинг, Мирзо Бобурнинг оғзидан учган ғазалларни сингдириб юборгандир... Минораларнинг бири «ғурбатда ғариб шодумон бўлмас эмиш», деса бошқаси: «Ўз юртни қўюб, Ҳинд сори юзландим. Ё Раб, нетайин, не юз қаролик бўлди», деб нола ила акс-садо берар... «Жомийдек, Навоий, Бобурдек аҳли дониш қадами етган бу муборак мадрасалар бир жоҳилнинг, бир ваҳшийнинг хаёлхонасига келган хавотир туфайли, бузуқ фикр туфайли вайрон этилса?!» Асадулланинг бўғзига бир нима тиқилди: бу ғазаб чўғими ё алам йиғисими — ўша топда ўзи ҳам билмади. Фақат... кўзлари онамланганини сезди. «Бу миноралар нима сабабдан кўкка бўй чўзган, — деб ўйлади у. — Гўзаллик излабми ё ҳақиқат излабми? Минораларнинг боши булутга етиб нима кўрди? оЧақмоқларними? Баттол шамол унинг бошига не ғуборларни ёғдирмади? Не адоватлар, не кулфатлар, не аламлар ҳақида дарак етказмади? Энди пойидаги иморатлардан, гумбазлардан айрилиб, кеккайиб қолган бу минораларга урилган шамол нималар деяпти экан?..»

Карвон минораларни айланиб, илгарилаб қолган эди. Зикриё афанди Асадулланинг руҳиятига тушунгани учун уни юришга ундамай, тек турди. Аммо карвондан бир отлиқ айрилиб чиқиб, уларга қараб келаверди.
— Сизларни кутишяпти, соҳиб, — отлиқ шундай деб, ортига бурилди.

Асадулла отни етаклаб, миноралардан пича узоқлашгандан кейингина узангига оёқ қўйди.

Ҳири рўд наҳри бўйига, атрофини тоғ ўраган ажиб бир водийга, салжуқ турклари томонидан бино қилиниб, икки қат девордан қўрғон ясалган, ҳандақлар билан ҳимояланган қадим шаҳар, табаррук шаҳар — Ҳирот дунё эллари ичида Афғонистонни озод, мустақил деб тан олган юрт вакилларини зўр дабдабалар ила қаршиламоқда эди.

Ҳирот ноиб ул ҳукумаси, ноиби салор, саф тортган бир минг қадар сарбозу совар вакола ҳайъатини Тупроққўрғонда кутдилар. Етти маротаба тўп отилиб, азиз меҳмонлар шарафланди.

Олдинда Хмарин билан Асадулла, сал орқароқда Ушинский билан Шувалов мезбонларга яқинлашдилар.
— Буюк Россиянинг янги ҳукумати номидан Буюк Афғонистоннинг янги амирини, шунингдек, амирга садоқатли ноибларини, барча афғон фуқаросини муборакбод этмоқ шарафига муяссар этилганимдан бағоят хурсандман. Биз Афғонистон тупроғига қутлуғ ниятлар ила қадам босдик, — деди Хмарин баландпарвоз овозда.
— Некқадам азизмонларимиз ниятларини Оллоҳ зиёда қилғай, — деди ноиб ул ҳукума, шарқона лутф билан.
— Ҳамҳудуд эллар тотувли, биродарли неъматига эришиб, мустабидлар зулмидан халос бўлиб яшамоқ бахтига етишмоғи бизнинг яккаю ягона умидимиз, — деди Асадулла.
— Умидлари муборак бўлғай.

Расмий муборакбод, танишувдан сўнг, қалъадан чиқиб, икки чақиримча йироқдаги «Боғи шоҳи» номли ноибнинг боғига бошладилар. Фараҳбахш боғнинг жануб тарафига шарқ усулида икки қаватли иморат тушган, тўрт ботмон чамаси мевазор, гулзор баланд пахсадевор билан иҳота қилинган эди. Иморат қаршисида тўрт мармар ҳовуз бўлиб, тиниқ сувда қирмизи балиқлар оҳиста сузиб юрарди. Таом вақти етгани учун истироҳатга берилмай, дастурхон атрофида давра қурдилар.

3

Нонуштадан сўнг Мирза Қандилхон икки фойтун билан Боғи шоҳига кириб келди. Фойтунларнинг бирига Хмарин, Шувалов (Хмариннинг таклифи билан), Синелникова, Мирза Қандилхон, иккинчисига Ушинский, Асадулла ва Зикриё афанди ўтирдилар. Олдинда Ғуломқодир билан яна уч совар, ортда эса ўн чоғли совар кузатувида шаҳар кўчаларига чиқдилар.

Бозорга олиб борувчи йўл манзилга етмай торайиб, фойтун юролмайдиган бўлиб қолди.
— Бозор оралаш майлингиз бўлса, отга минамиз,— деди Мирза Қандилхон.

Соварлар отдан тушиб, жиловни ушладилар. Синелникова фойтундан тушаётганда Мирза Қандилхон Хмаринга:
— Хоним бунда ўтира турсинлар, — деди.
— Валя, биз тезда қайтамиз, — деди Хмарин, Қандилхоннинг мақсадини англаб.

Синелникова ёлғон жилмайиш билан жойига қайтиб ўтирди.
— Мираъламович, пайқадингми, котиба форсчани билмасмикин? — деди Шувалов, унинг ҳаракатини кузатиб.
— Билмаса керак.
— Ҳозир афғон Хмаринга бир нарса девди, хоним тўхтаб қолди. Тушунди шекилли.
— Виталий Сергеевич, наҳотки...
— Сен мен билан баҳслашма-ю, гап орасида бир синаб кўр, хўпми?

Фойтун олдида тўрт совар қолиб, бошқалар жинкўча оралаб бозорга кириб бордилар. Кенг иштон, узун кўйлак, калта нимча кийган эркаклар кафтларини пешоналарига қўйиб, салом бериб, йўл бўшатардилар. Юзига оқ ипдан тўқилган парда тортган аёллар эса девор томон ўгирилиб, отлиқлар ўтиб кетгунча қилт этмасдан турардилар.

Бозор деганлари ҳам тор, ҳам бетартиб эди. Расталар Туркистон бозорларидаги каби батартиб, мунтазам бўлмай, чапақай калишдай пойма-пой эди. Бир раста читфуруш, ёнида кавушфуруш, унинг ёнида аттор, сўнг баққол, сўнг яна читфуруш... — аралаш-қуралаш жойлашган эди. Йўллар сиҳатга зид, бадбўй, иссиқ кунда кўнгилни ғоят беҳузур қилар эди.

Унда-бунда отлиқлар ҳам учрар: олдинда жиловдор, икки тараф узангиларнинг ёнида рикобдор1 юришидан уларнинг амлоқдор экани аён эди. Бундайлар бозорда кам — тўрт-бешдан ошмас, аксар пиёдаларнинг кимлиги либосларидан маълум, улар орасида тўқдан оч, тузук либослисидан жулдур кийимлиси бисёр эди. Меҳмонларнниг бозорда пайдо бўлганини аввал гадолар илғашди. Қўлларини чўзиб, тавалло айтиб, уларга пешвоз чиқа бошлашди.

Мирза Қандилхон икки соварни олдинга ўтказиб, отни орқага бурди-да, Хмарин йўлини тўсди:
— Қайтмоғимиз лозим, соҳиб.
— Бир оз айланайлик, балки ул-бул олармиз, — деди Хмарин, унинг қилиғига тушунмай.
— Четдан келган кишилар, ким бўлсин, бозордан мол оладурғон экан, аввал ноиб соҳибдан ижозат сўрамоғи шарт.
— Таажжуб, — Хмарин шундай деб отини бурди.— Жаноблар, жаннатда кўрмоқ бору емоқ йўқ дейишарди. Биз жаннатда эканмиз.

Фойтунга қайтганларида Тупроққўрғон томонидан дўл-ноғоралар овози келди.
— Қалъага борамиз, — деди Мирза Қандилхон.
— Ним бўлади у ерда, томошами? — деб сўради Хмарин, ҳафсаласизлик билан.
— Йўқ, соҳиб, Кўшкдан олиб келганимиз, жамшидийнинг боши кесилади.
— А? Дарров-а?
— Аввалги ўғрилиги учун бир қўли кесилган эди. У шариат бўйича ҳукм қилинди.

Хмарин унинг гапини охирига қадар эшитмай, Синелниковага юзланди.
— Валя, қизиқ томоша, бир қўллик ўғрининг боши кесилар экан.
— Николай Захарович! — Синелникова шундай деб юзини бурди. — Даҳшат... таклиф қилгани уялмадингизми?
— Валя, ахир бу ер шарқ. Бундан баттари ҳам бўлиши мумкин.
— Нимага тўхтаб турибмиз? — деди Ушинский, Хмаринга яқинлашиб.

Хмарин Мирза Қандилхоннинг таклифини айтди.
— Йўқ, йўқ, Николай Захарович, бизни бу азобдан қутқаринг, илтимос, — деди Ушинский Синелниковага бир қараб олиб.
— Бизнинг иштирокимиз мутлақ ноўрин, — деди Шувалов уни қувватлаб.
— У ҳолда боққа қайтамиз, кечки зиёфатга қадар бўшмиз, — деди Хмарин.
— Менинг Мирза Қандилхондан бир ўтинчим бор, — деди Асадулла.
— Бош устига, соҳиб.
— Мен ҳазрат мир Алишер Навоий қабрларини тавоб этмоғим шарт. Абдураҳмон Жомий, Абдулла Ансорий хоки туробини-да, зиёрат этмоғим лозим. Бунинг учун ноиб соҳибдан ижозат олмоқ зарурми ё сизнингда ижозатингиз кифоями?

Кейинги гап Мирза Қандилхонга маъқул келиб, яйраб жилмайди:
— Савоб юмушларга алоҳида ижозат жоиз эмас. Ҳозироқ бошлаб бораман.
— Вениамин Самойлович, Виталий Сергеевич бу ерда улуғ одамларнниг мақбаралари бор. Истасангиз, боришингиз мумкин.
— Мен бораман, — деди Синелникова қатъий оҳангда.
— Мен ҳам боришим мумкин, — деди Ушинский.
— Вениамин Самойлович, сиз мен билан боғда қолсангиз, илтимос, кечки зиёфатда сўзлайдиган нутқимни бамаслаҳат тайёрласак, — деди Хмарин.

Ушинский ўзи кутмаган қопқонга бехос тушиб қолди.

Уларни Боғи шоҳида қолдиргач, фойтунлар Алишер Навоий мақбараси томон йўл олди.
— Навоийни эшитганман, аммо шеърларини билмайман, — деди Синелникова.
— Ўрусча ўгурмаси йўқдур-да, — деди Асадулла. У ҳозир суҳбатлашадиган аҳволда эмасди. Назарида мақбарани зиёрат қилгани эмас, балки Навоий билан юзма-юз учрашишга бораётгандай эди.
— Шеъридан ўқиб беринг.

Асадулла дарров жавоб бермади. Аёл ҳам уни шоширмади.
— Битта байтини айтиб бераман:

Бу гулшан ичраки йўқтур бақо гулига сабот,
Ажаб саодат эрур, чиқса яхшилик била от.
— Бу нима дегани?
— Бу деганики... дунёда абадий нарса йўқдур, ҳеч нарса боқий эмас, яхшилик билан ном қолдиришгина абадийдир.
— Доно гап экан, — деди Шувалов, унинг сўзларини диққат билан тинглаб.
— Сиз ўзингизга содиқсиз, Асад Мираъламович, шу ерда ҳам фалсафий шеър айтдингиз. Нима, Навоийнинг ишқий шеърлари йўқми?
— Шеърлар нима экан, достонлари бор, — деди Зикриё афанди суҳбатга қўшилиб.
— Қани айтинг-чи...
— Асадулла афанди турганларида... мени маъзур тутасиз.

Асадулла бу хонимдан қутула олмаслигига ақли етиб, бир байт айтди:

Агарчи ишқ аро бўлди мубаддам куфр ила диним,

Не ғам, чун поклик расмидурур бу ишда ойиним...

Синелникова байт таржимасини эшитиб, кулимсиради.
— Ишқий шеър, аммо бари бир, фалсафаси кучлироқ.
— Сиз ишқ билан фалсафани айри-айри қўясизми?

Шуваловнинг бу хилда нозиктаъб билан саволга тутиши Синелниковани сал гангитиб қўйди.
— Нимага энди, — деди у Шуваловга жилмайиб қараб. — Севги — энг мураккаб фалсафа. Чақилмаган ёнғоқ, уни ҳамма ҳам чақавермайди.

Шуваловнинг саволи Синелниковани чалғитиб, Асадулланинг жонига ора кирди.

Фойтун мақбарадан анча берида тўхтади. Асадулла пастга тушиб, мақбарага тикилганча ҳаракатсиз қолди. Кейин ҳамроҳларига эътибор бермай, бир-бир босиб юрди.

Зикриё афанди унга эргашмоқчи бўлган Синелникова билан Шуваловни тўхтатди.
— Нима, бу ерга ҳам кириш мумкин эмасми? — деди аёл норози оҳангда.
— Мумкин, хоним, фақат кейинроқ борайлик. Афтидан, Асадулла афанди сеҳрланиб қолдилар, халал бермайлик.

Асадулла нурай бошлаган мақбарага яқинлашиб тўхтаганини, кейин тиз чўкканини ўзи ҳам сезмай қолди. Унинг кўзлари сағнада эди: наҳот буюк бир одам шу совуқ тош остида ёлғиз ётган бўлса, наҳот бу совуқ тошлар суякларини эзиб турган бўлса... Шу хаёлдан эти сесканди.

Болалигида ғаройиботлар, сеҳргарлар ҳақида кўп эртак эшитган эди. Бу ғаройиботлар, бу сеҳргарликлар ҳақиқат эмас, хаёлот маҳсули эканини билса-да, ҳозир кўнгли шундай бир сеҳргарлик истади. Унинг назарида буюкларнинг бу ҳолда жонсиз ётиши инсофдан эмас. Қани ўша сеҳргар ҳозир пайдо бўлса, бу тошларни улоқтириб ташласа, шоирга жон берса, ўша бақо гулшанидан ташвишли дунёга қайтарса...

«Ажаб саодат эрур, чиқса яхшилик била от...»

Шундай боқийлик эгаси жонсиз ётса... қандай бедодлик бу!..

Асадулла алҳол барча нарсани унутган эди. У учун ҳозир фақат бир инсон — Алишер Навоий мавжуд эди.

4

Кечки зиёфат чоғида ноибнинг бир томонидан Хмарин, иккинчи томонидан Асадулла жой олгач, уларга лутфу карамлар кўрсатилди. Таомлар кети узилиб, чойга навбат келгач, ноиб Асадуллага юзланди.
— Ўғри қатл этилди.
— Хабарим бор, ноиб соҳиб, қўлингиз шариат ҳукмида қаттиқ экан.
— Маҳбусингизни сўроққа тутдим. Қодир оға ҳазратнинг айғоқчиларидан экани аниқ. Уни Кобулга еткармоқ истагидамисиз? Мен ризоман.
— Ташаккур, ноиб соҳиб. Ижозатингиз билан сўроғимни сўрасам... Қодир оға ҳазрат... амир саройида эътибори зўрми?
— Эътиборими?.. Сизга аниқ жавоб қайтармоққа ожизман. Ҳазратнинг раҳматли амир Ҳабибуллохон замонида эътибори баланд эди.
— Бадният эмасми?

Ноиб ул ҳукума бу саволга жавоб беришдан бўйин товлаб, суҳбат мавзуини бошқа ёққа буриб юборди:
— Сафарингиз хатарнок бўлибди, менга айтдилар. Энди сизларни қайси йўлдан йўлласам экан? Кобулга уч йўл мавжуд.
— Бу сизнинг ихтиёрингизда, ноиб соҳиб.

Ноиб қалин, мошгуруч соқолини силаб, анча ўйланди. Кейин бирдан қарсак чалган эди, зиёфат аҳли жим бўлди.
— Ёзуқ дастурхонли уй — куни доим тўй. Азизмонларга дастурхонимиз ҳамиша ёзуқ, кунимиз фақат тўй. Бироқ буларга Кобулда илҳақлик ила кўз тикканларки, йўлга узутувдан ўзга чорамиз йўқтур. Маълумингизким, Ҳиротдан Кобулга уч йўл бўлуб, бири Кандаҳор йўлидурки, эллик олти работ бўлиб, масофатан минг саккиз юз қирқ олти чақиримдур. Яна бири Ҳазора йўлидурки, ўттиз бир работ бўлуб, масофатан минг чақиримдур, учинчи Мазори Шариф йўлидурки, масофатан минг беш юз эллик олти чақиримдур, қирқ олти работдур. Кўрдингизки, Ҳазора йўли энг яқин, бироқ азизмонларни бу тоғлиқ хавфли йўлга йўллашга кўнглум чопмайдур. Йироқ бўлса бўлсун, азизмонлар бешикаст етмоқлари учун Мазори Шариф йўлини танладим. Оллоҳ азизмонларнинг йўлларини оқ қилуб, ўз паноҳида асрагай, омин. Тонг билан чопар йўлга чиқуб, Мазори Шариф ноибига номаи муборагимизни етказгай.

Эртаси куни нонуштадан сўнг вакола ҳайъатини ноиб йўқлатди. У Чорбоғдаги хонасида ёлғиз эди. Шундан билдиларки, ноиб фақат ўзини қизиқтирган муаммолар хусусида суҳбат юритмоқчи. Ноиб суҳбатдан қаноат ҳосил қилмади. Чунки кўп муаммолар, хусусан, Россиянинг бермаги мумкин бўлган ёрдамлари фақат амирга айтилгуси, фақат амир билангина ҳал этилгучи муаммолар эдики, ноибга буларни билдириб, тўйдан олдин ноғора қоқмоққа ҳақлари ҳам йўқ эди, лозим деб ҳам билмадилар.

Боғи шоҳига қайтишгач, бир оздан сўнг, Хмарин Асадулланинг хонасига кириб келди:
— Муҳожир қани? — деди у асабий тарзда.
— Мен сиз билан бирга эдим.
— Муҳожир ҳам, Валя Синелникова ҳам йўқ. Қаёққа кетган бўлишлари мумкин?

Савол жавобсиз қолди.

Зикриё афанди билан Синелникова ҳеч қаерда йўқ эди. Улар тушлик таом вақтида ҳам кўринмадилар.
— Бир ёққа кетишга бўлса тушликка етиб келишади, — деди Хмарин, сўнг Мирза Қандилхонга бориб, воқеани баён қилди.

Уларнинг чиқиб кетган-кетмаганидан сарбозлар ҳам бехабар эдилар. Бирпасда ҳаммаёқ талотўп бўлиб кетди.

Боши тош билан уриб мажақланган Зикриё афандининг жасадини, кўйлаклари пораланган, томоқлари тишланиб, ранги бир аҳволга тушган Синелниковани оқшомга яқин олиб келишди.

Туни билан кўзларига уйқу илинмади.

Тонгда Зикриё афандини, Ватани ҳажрида ўртаниб ёнган, саргардонлик заҳридан бағри куйиб, адойи тамом бўлган, юрти саодати абадиясига бир ишониб, бир ишонмай юрган ҳинд инқилобчисини Ҳирот тупроғига қўйдилар. Бу, айниқса, Асадулла учун мусибатли ва аламангиз бўлди.

Қабрга тупроқ тортилиб, одамлар тарқай бошлаганда ҳам Асадулла ҳаракатсиз турарди. Асадулла Зикриё афанди билан бир неча ҳафтагина ҳамсуҳбат, ҳамроҳ бўлди. Ана ўша биргаликда ўтган кунлар икки покиза дилни боғлади. Зикриё афанди Асадуллага Ҳиндистон ҳақида, оиласи, биродарлари ҳақида сўзлаб берган эди... Бу сўзларни Асадулла кейинроқ, Зикриё афандини ўйлаган кезлари эслайди. Ҳозир, қабр ёнида, марҳумнинг куйиниб айтган гаплари қулоғи остида жаранглайди.

«Мен кўп нарсани даъво қилмайман. Юртим озод бўлса бас. Ўзим осмонни севсам дейман. Ерни, сўнг шу тупроқда юрган барча одамларни, бор беғуборлиги, бор фазилатлари, ҳатто бор қусурлари билан севсам дейман. Бошқа илинжим йўқ менинг...»

Дафн маросимидан қайтишгач, Синелникова бор гапни айтиб берди: Зикриё афанди уни бозорга боришга кўндирибди. «Кеча бозорни кўрмай қолган эдингиз, мен ҳам ул-бул харид қилишим керак», дебди. Бозорни кўролмай қолгани Синелниковага алам қилган экан, кўнибди. Бозор йўлидаги жинкўчада уларнинг йўлини уч-тўрт афғон тўсибди... Зикриё афанди чорасиз қолибди...

Афғонларнинг маълум қилишича, воқеа содир бўлган уй ташландиқ эмиш. Буни эшитиб, Шувалов ўйланиб қолди: «Бу тасодифми ё йўл пойлашганми?»

Шу воқеа сабаб бўлиб, йўлга чиқишлари яна бир кунга кечикди.

Кобул сари юриб, иккинчи работга қўнишганда шакл-шамойили, феъл-атвори афғонлардан буткул фарқланувчи, юз тузилиши Туркистон қирғизларини эслатувчи одамларни учратиб, Асадулла ажабланди. Асли мўғул бўлиб, Бобур замонида ҳам мўғул тилида гаплашган, кейинчалик форсийлашган бу халқ тўғрисида эшитган эди. Лекин улар Мазори Шариф йўлида эмас, ўз номлари билан аталувчи Ҳазора йўлида яшашларини ҳам биларди. Уч-тўрт ҳазора билан гаплашгач, Шуваловни огоҳлантирди.
— Демак, ноиб ҳам бир нимадан ҳадиксираган. Кимларнидир чалғитмоқчи бўлган, — деди Шувалов. — Демак, ҳали ҳам хатарда эканмиз.

Эрта саҳарда афғонлар бесаранжом бўлиб қолишди. Кун ёйилай деганда работга Ғуломқодир кириб келди. Отга ўнгарган одамни худди улоқ ташлагандай Мирза Қандилхон оёғи остига ташлади.
— Қочган экан, соҳиб, кимдир биров арқонларни кесибди, ханжар ҳам берибди қўлига, — у шундай деб кумуш сопли ханжарни узатди.

Асадулла уни таниди: Парвона йўлида туркман берган ханжар...

Ханжарни Ушинский ҳам таниб, Асадуллага савол назари билан қаттиқ тикилди.

Қаландар ўзига келиб қимирлади. Ғуломқодир уни елкасидан чангаллаб, қаддини кўтарди.
— Нимага қочдинг? — деди Мирза Қандилхон, унга ўқрайиб. Афтидан, тепкилайдиган иштаҳаси бор эди-ю, меҳмонлар иззатини қилиб, ўзини бу ишдан тутаётган эди.
— Соҳиб буюрди, — деди қаландар, унга қўрқув билан жавдираб қараб.
— Қайси соҳиб?
— Қаландар ўгирилиб, Хмаринга тикилди.
— Ана у...

Ҳамма ялт этиб Хмаринга қаради. Хмарин аввалига тушунмади. Кейин бирданига ранги қув ўчиб кетди. Лаблари титради. Қаландар томон бир-икки қадам босди. Сўнг тўхтаб, Мирза Қандилхонга ўқрайди.
— Бу не томоша, Мирза Қандилхон?! — деди бақириб.
— Бу не томоша экани менга- да, аён эмас, соҳиб, — деди Мирза Қандилхон ғазабини яширмай.
— Шундайми?.. — Хмарин қаландар устига бостириб борди. — Сен нимасан ўзинг, қаландармисан, айғоқчимисан ё алайҳиллаънамисан, сени ким қочирди, ким ханжар берди, айт!

Қаландар бир оз ҳадиксираган ҳолда Хмаринга қараб тураверди.
— Айт! — деди Хмарин, жонҳолатда қичқириб.
— Сиз, соҳиб...
— Шундайми... хўш, нимага қочирдим?
— Мазори Шариф йўлидан адашганимизни етказ, дедингиз.
— Нима?! — Хмарин Мирза Қандилхонга савол назари билан қаради: — Қайси йўлдан боряпмиз?
— Ҳазора йўли бу, соҳиб.
— Бу қанақаси!!! Бу қанақаси, деяпман?!
— Сизларни Кобулга бешикаст етказмоқ мақсадида бўлди бу.

Асадулла Хмаринга яқинлашиб, уни билагидан ушлади:
— Николай Захарович, юринг, гаплашиб олайлик,— Асадулла шундай деб Мирза Қандилхонга қаради. — Биз кенгашиб олмоғимиз шарт. Қаландарга бирор кори ҳол бўлмасин. У ёлғон сўзлаяпти.

Чодир оғзида пайдо бўлган Синелникова қаландарга ажабланиб қараб қолди. Тўртовлон аёлга эътибор бермай Шуваловнинг чодирига кирдилар. Асадулла қаландарнинг гапини баён қилди.
— Бир нарсага ҳайронман, — деди Ушинский, — ханжар сизники эди шекилли, Асадулла Мираъламович?
— Ҳа, меники эди. Лекин мен уни Николай Захаровичга ҳадя қилувдим.
— Қизиқ.. ҳадя бировга оширилмас эди шекилли?
— Мен илтимос қилдим, — деди Хмарин, унинг гапини шарт бўлиб. — Мен ноёб қуролларга ўчман. Тошкентда йигира уч ханжарни қолдириб келганман. Асадулла Мираъламовични тинч қўйинг, агар ўша лаънати қаландарнинг гапига ишонсангиз, мана, мени жазоланг.
— Николай Захарович, жазолаш ҳақида гап бўлмаяпти-ку? — деди Шувалов босиқлик билан. Унинг хотиржамлиги мажлис аҳлидаги ботиний асабийликнинг портлаб, зоҳирга чиқишига йўл қўймади.
— Афғонлар Ҳазора йўлидан боражагимизни атай яширишган, — деб давом этди Шувалов, — бунинг учун улардан ўпкалаш керак эмас.
— Сиз билармидингиз? — деб сўради Ушинский.
— Кеча маълум бўлди, Мираъламович айтди, йўловчилар билан гаплашиб билибди.
— Демак, фақат икковингиз билгансиз... Қизиқ... Николай Захарович, йўлга чиқадиган кунимиз нима учун ноибга учрашдингиз?
— Ноибнинг ўзи йўқлатувди. Йўқламаган тақдирда ҳам борар эдим. Дипломатия расми шунақа.
— Шунақами? Ноиб нима деди?
— Оқ йўл тилади... ташвиқот юргизманглар, деди. Россиядаги ишчи-деҳқон қўзғолони ҳақида гапиришни ман қилди.
— Нима учун буни ўша вақтда бизга айтмадингиз?
— Айтганим билан бошқача тушунардингиз.
— Николай Захарович, илтимос, чодирингизда бўлиб турсангиз. Фирқа гуруҳи кенгашиб олиши керак.
— Қайтиб кетишга тайёрланаверайми?
— Николай Захарович, — Шувалов шундай деб, уни елкасига қўлини қўйди. — Ёш бола эмассиз-ку, а?
— Виталий Сергеевич, элчига жуда меҳрибон бўлиб кетибсизми? — деди Ушинский, Хмарин чиқиб кетгач.
— Вениамин Самойлович, биз афғонлар еридамиз. Ҳар бир ҳаракатимиз уларнинг кузатувида. Ҳар бир сўзимизга қулоқ тутишади. Орамиздаги ихтилофни сезишса, сафаримиздан дуруст натижа чиқиши қийин.

  

— Жаноб Хмариннинг хатти-ҳаракатлари бошидаёқ менга шубҳали кўринган. Ҳамма шубҳалар тасдиқланди: аввал Карки йўлига бошлади, пистирмага дуч келдик, кейин мана бу воқеа. Мен уни элчиликдан четлаштиришни таклиф қиламан. Болшевик сифатида унга ишончсизлик билдиришимиз зарур.
— Таклифингизга қўшилмайман, — деди Асадулла, — уни элчилик ҳуқуқидан маҳрум қила олмаймиз. Ёрлиқ унинг номига ёзилган. Москвадан фавқулодда мухтор элчи етиб келгунча Афғонистон амири билан фақат шу одамгина Россия ҳукумати номидан гаплаша олади.
— Вениамин Самойлович, шубҳангизга ҳам, таклифингизга ҳам қўшилмайман. Карки йўлидан боришга сиз ҳам ундагансиз, эсингиздами? Қаландарнинг гапига келсак... У сизни ёки мени ҳам кўрсатиши мумкин эди. Николай Захарович қайси йўлдан кетаётганимизни билмай туриб, қанақасига уни Мазори Шарифга юборади? — деди Шувалов.
— Билган бўлса-чи? — деб бўш келмади Ушинский.
— Билмаган. Бунга ишонаман. Хўп, дейлик, у бизни яна пистирмага рўпара қилмоқчи бўлган. Бу унга нима учун керак? Аввало атрофимизда ўзимизникидан ташқари афғон аскарлари ҳам кўп. Ўзимизни ҳимоя қила оламиз.
— Енгил ўйламанг, Виталий Сергеевич, ҳамма нарса бўлиши мумкин. Шунинг учун таклифимни кун тартибидан олмайман.
— Хоҳишингиз. Овозга қўйинг бўлмаса.
— Овозга қўяман: демак, икки киши қарши... Яхши. Иложим қанча. Зийракликни йўқотиб қўйибсиз ўртоқлар, огоҳлантираман. Элчининг бегуноҳлигини исботлаш учун қаландарни сўроқ қилишингизни қатъиян талаб қиламан.
— Вениамин Самойлович, буни афғонларга қўйиб берайлик. Бизга бари бир айтмайди.
— Сизнинг бепарволигингиз мени ҳайратга соляпти, чекист бўлганингизга ишонгим келмай қоляпти.
— Мен вазифамни унутганим йўқ. Ичимизда сотқин ё айғоқчи бўлса мендан қочиб қутулолмайди, ишонаверинг.

Кенгаш шу тарзда тез ва бесамар якун топди. Ушинский чодирдан норози қиёфада чиқиб кетди. Асадулла билан Шувалов қўшни чодирга киришди.

Хмарин ханжарни жомадондан ким, қачон олган бўлиши мумкинлигини билолмай боши гаранг эканини айтди.
— Николай Захарович, котибангиз... форсчани тушунадими?
— Валентина Николаевнами?.. Йўқ, нима, сиз ундан шубҳаланяпсизми?
— Йўқ, шунчаки сўрадим. Ҳа, яна бир нарсани сўрасам: Валентина Николаевнани кўпдан биласизми?
— Ҳа. Петроградда танишганман. Бамаъни оиланинг фарзанди. Отаси инженер. Бу оила сиёсатга аралашмас эди. Валяни Тошкентда учратиб қолдим. Отасининг изидан келган экан, отаси қўзғолондан кейиноқ уйига қайтган экан. Москва йўли беркилгач, Валя чорасиз қолиб, Ташқи ишлар нозирлигида ишлаётган экан. Сафарга уни мен таклиф қилганман. Ундан шубҳаланишингиз... қизиқ, ўзи бу аҳволда бўлса-ю... У енгилтак ҳам эмас, ишонинг. Фақат Ушинский хиралик қилиб жонига теккан. Мен нафратланаман бундайлардан. Россиянинг шарафини булғашади булар.
— Николай Захарович, бу ишни сизнингча ким қилган бўлиши мумкин? Ҳар ҳолда қаландар қочган, энди сизга туҳмат қиляпти. Мақсади нима?

Хмарин: «Рост гапиряпсизми?» — деган қараш билан Асадуллага тиқилди.
— Ҳа, туҳмат бу, — деб таъкидлади Асадулла, — унга ишончимиз йўқ.
— Раҳмат, жаноблар... Менингча бу... афғонларнинг иши ҳам бўлиши мумкин.

Шамол булутни, булут ёмғирни ҳайдаб келганидек, муаммо муаммони бошлаб келаверди. Муаммо осмонини тимқора булут босди — ёмғир ёғадими, дўлми, қорми, номаълум эди. Булутнинг томчи ташламай ўтиб кетишига ҳам умид бор эди.

Асадулла ташқарига чиқиб, Ғуломқодирни излади. Чодирлар ортида отга ем бераётган соварни топиб, гапга солди. Ғуломқодир от кишнашидан уйғониб кетганини, кейин узоқлашаётган чавандоз шарпасини илғаб, изма-из қувганини гапириб берди. Шундан сўнг Асадулла Мирза Қандилхонга учраб, қаландар сўзлари туҳмат эканини, элчидан бундай нопок хатти-ҳаракат гумон қилишнинг ўзиёқ гуноҳ эканини айтди.

Мирза Қандилхон «қаландарнинг қорнини ёриб бўлса ҳам, ҳақиқатни ойдинлаштиришга» ваъда берди.

Асадулла чодирига қайтаётганида кўкрагида қўққис оғриқ туриб, нафаси сиқилди. Кўз олди қоронғилашиб, боши айланди. Чодир қозиғига узатилган қўл муаллақ қолиб, беҳол йиқилди.

Кўзини очганда ўзини чодирда кўрди. Шундайгина ёнига афғон табиб чордана қурган. Сал нарида вакола ҳайъати — бари жам бўлган.
— Оллоҳга шукр, дард фориғ бўлди, — деди табиб,— соҳиб, андак ҳоригансиз, ҳордиқ чиқармоғингиз даркор экан.

Асадулланинг бетоблиги сабаб бўлиб, ўша куни работда қолишди.

Эрта тонгда афғонлар яна талотўп кўтаришди: кимдир қаландар сақланаётган чодир орқасини кесиб кириб, «Оллоҳнинг севган бандаси» бўғзига пичоқ санчибди. Бундан нафақат соқчи, балки гуноҳкор банданинг ўзи ҳам ғафлатда қолган кўринади.

Иккинчи боб - айрилиқ ва дийдор

1

Асадулланинг боши айланиб тургани учун уни тахтиравонда кетишга кўндиришди. Тахтиравон деганлари кўринишидан анча хунук — Туркистоннинг ўлик кўтарадиган анбарини эслатар эди. Бу аробанинг бўйи ҳам, эни ҳам бир ярим газ бўлиб, ичига тушган инсон боласи оёқ узатиб ётиш роҳатидан маҳрум, устига-устак, бу аробанинг олди билан ортига икки от қўшилиб, «равон» қилинар экан. Мабодо отлар йўртиб қолса ичидаги соғ одам оғриб, оғриқ бўлса у дунё сафарига тадорик кўриб қолиши ҳеч гап эмас экан. Асадулла бу «роҳатижон маофа»да узоқ юролмай, тавба-тазаррулар билан яна от миниб юрмоққа мажбур бўлди.

Турон деган работга қўнишганда Асадулла анча ҳолдан тойган эди. Шу боис кечки таомдан сўнг гурунглашиб ўтира олмай, чодирига кирди. Ярим кечада шарпа сезиб, чўчиб уйғонди.
— Сардор соҳиб, гуноҳимдан ўтинг, ҳаловатингизни буздим.
— Ғуломқодир, сизмисиз? Асти хижолат бўлманг, келинг, ўтиринг.
— Сиз яхши одам экансиз, соҳиб, кўриб, сезиб юрибман. Афсус, бизим уруғдан эмассиз.
— Бу афсусингиз чакки. Бани башарнинг бари бир-бирига қариндош-уруғ.
— Доно одамсиз, соҳиб.
— Ғуломқодир, сизга нима бўлди, руҳингиз паст?
— Видолашгани кирдим, соҳиб, бу тун Чораймоққа жўнайман.
— Мирза Қандилхон юборяптими?
— Йўқ, соҳиб. Бундан кунботар сари юрилса, менинг уруғим ерлари бошланади. Мен бу ерлардан бош буриб ўтолмайман. Уруғдан чиқар чоғимда менга марҳамат қилган эдилар, қасос олувимга имкон бериб эдилар, мен уддалай олмадим.
— Ғуломқодир, сўзларингиздан ҳеч нима англамадим?
— Чораймоққа боришим керак, вассалом. Ўзга нарсаларни сўраманг, соҳиб. Кирувимнинг боиси бўлак: Карки йўлида, Саид Ғаффорбек кўз юммай туриб, сизни йўқлатган эди, эслайсизми?
— Ҳа, эсимда.
— Ким эди у? Биродарингиз эмасмиди?
— Бир вақтлар биродар бўлганмиз...
— У ҳолда... — Ғуломқодир тиз чўқди, — гуноҳимдан ўтинг.
— Нималар деяпсиз?
— Соҳиб, уни мен отганман.
— Сиз?
— Ҳа...
— Нимага?
— У аввал ўрус соҳибни отди. Кейин сиз чиқиб, пахта билан унинг қонини артар маҳалингизда назаримда сизни нишонга олиб эди. Мен... адашибман, биродарингиз экан-ку...
— Адашмагансиз. У баднияти ила бизга қўшилиб экан. Сизнинг заррача гуноҳингиз йўқ.
— Мендан рози бўлинг, соҳиб.
— Ғуломқодир, кетманг.
— Соҳиб, жўнашимни бировга билдира кўрманг, Худо умрингизни зиёда қилсин..

Ғуломқодир Асадуллага яқинлашиб энгашди-да юзини юзига қўйиб хайрлашганича чодирдан чиқди.

Асадулла нима қиларини билмай, гангиди. Юмшоқ тўшак устида эмас, тиканаклар устида ётгандай безовталанаверди. Ташқарида нонушта ҳозирлигини бошлаган хизматкорлар шарпаси эшитилгач, ўрнидан турди. Мирза Қандилхоннинг чодирига бориб, овоз берди.

Мирза Қандилхон Асадуллани овозидан таниб, «яна тоби келишмадими», деб ўйлади. Сўнг, Ғуломқодир воқеасини эшитиб, кўзларидан уйқу қочди.
— Умри қисқа экан-да, — деди бош чайқаб, — афсус, ёвқур эди...
— Уни ўлим кутяптими? Бошқа чора йўқми?
— Бегуноҳ қон тўккан бўлса, қасос олишади. Чораймоқни биламан. Қоидалари аёвсиз.
— Бунга йўл қўймаслик лозим. Сиз амир номидан борсангиз-чи?
— Ҳуқуқим йўқ.
— Биз борсак-чи? Гуноҳини сўраб олсак-чи? Балки хун тўлармиз?
— Чораймоққа бегоналарнинг сўзи ўтмайди.
— Ижозат беринг, ўзим борай.
— Хийла ўжар экансиз, соҳиб. Бесамар юмушни бўйнингизга олманг.
— Ёш умрга раҳм қилинг, увол кетмасин. Амирнинг мактубини етказиб, хайрли иш қилган соварни ўлимга топшириб кетувингиз гуноҳи азим эмасми?

Амирнинг мактубини эслаб, Мирза Қандилхон ўйга толди. Дарҳақиқат, бу совар мактуб элтган эди. Уни Тирмизда сардор Муҳаммад Валихон сафга қўшган эди. Унга бу масъул юмуш топширлаган экан, демак, чакана совар эмас... Мирза Қандилхон аниқ қарорга келиб, хизматкорни чақирди.

Отлар эгарланиб, ўн чоғли совар узатувида Асадулла билан Мирза Қандилхон йўлга чиқишди.

Отларга тиним бермай, кун ёйилганда Чораймоқ жойлашган қишлоққа кириб боришди. Уруғ оқсоқоли — елкалари кенг, қиррабурун, кўзлари ўткир, овози жарангли одам — уларнинг ниятларини билиб, бош чайқади.
— Ғуломқодир менинг мана шу елкаларимда улғайган, — деди у. — Чораймоқда унинг оллдига тушадиган йигит йўқ. Надоматким, гуноҳга ботди. Уни олиб кетиб, жонини қийнаманг. Қонга қон билан хун тўлаши лозим. Ҳали-замон қизнинг ҳешлари келади. Халал бермангиз.
— Унинг гуноҳи нима? — деди Мирза Қандилхон.
— Билмайсизми? — ажабланди оқсоқол. — Айтмадими? Маълумингиз бўлсинким, Ғуломқодир завжасининг жонини олган. Аммо завжасига қўшилган эркакни қўлдан чиқарган. Аёлини бегона эркак ила ўлдирганда эди, гуноҳдан фориғ бўларди, ундан хун талаб этилмас эди. Чораймоқнинг қонуни — шу! Пухтун вала1ни бузмоққа ҳеч бир кимсанинг ҳадди йўқ!
— У амирнинг совари... — деди Мирза Қандилхон эътироз оҳангида.
— Бу менга маълум, — деди оқсоқол унинг гапини бўлиб. — Чораймоққа бир инглис келиб эди. Тижорат юмушлари билан келиб тургучи эди. Шул зот завжасини зўрлаганми ёинки аёл ўз хоҳиши ила қўшилганми, бу бизга қоронғи. Бизга аёни шуки, инглис қочган. Уни топиш мушкул вазифа. Амир инглисга қарши лашкар тўпламоқда деб эшитиб эдик. «Муҳорибага бор, шаҳид кетсанг розимиз, омон қайтсанг, гуноҳингдан кечамиз», деб эдик. Унга от бериб эдик, яроғ бериб эдик. Муҳорибага насибаси қўшилмабди. Жони шу ерда олинади. Ёзуғи шу экан боламнинг. Бу ҳам унинг саодати. жасади бегона тупроққа қўйилмайди.
— Амир уни муҳорибадан айириб, масъул... савоб юмуш билан сарҳадга йўллаган, — деди Асадулла суҳбатга қўшилиб.

Оқсоқол унга тикилди.
— Сиз кимсиз? Бизим аъёнларга ўхшамайсиз.

Асадулла кимлигини, вазифаси, ниятини айтди.
— Ғайриюрт бўлатуриб, Ғуломқодирга нечук куйиняпсиз? — деди оқсоқол, унинг сўзларини эшитиб.
— У бизнинг жонимизни асраб қолди.
— Буни ўзи айтдими?

Асадулла Мирза Қандилхон олдида Саид Ғаффорбек ўлимини эслашни лозим топмай, ёлғон гапирди:
— Йўқ, ўзимиз кўрдик. Йўлда ёв бизга ҳужум қилди. Ғуломқодир мисоли шер олишди. Жонини аямади.
— Ҳақ рост бу, — деди Мирза Қандилхон, уни қувватлаб.
— Ёв... инглис эдими? — деб сўради оқсоқол.
— Инглисни ўзимиз кўрмадик. Аммо... ёвни инглис йўллагани аниқ.

Оқсоқол ўйга толди.
— Биз кенгашиб кўрамиз, — деди бир оздан кейин.

Оқсоқол чорлаган кенгаш кўп чўзилди. Сўнг қишлоқ аҳли майдонга тўпланди. Оқсоқол қарорини шунда маълум қилди. Ўлимни бўйнига олиб, бир четда маъюс турган Ғуломқодир амир хизматига қайтиши лозимлигини билиб, бақириб юборди. Қўлларини кўтариб, тиз чўкканча судралиб, оқсоқолга яқинлашди-да, уни тиззаларидан қучди.
— Жонимни қийнаманг мени, хунхўрларга топширинг. Топширинг хунхўрларга!

Оқсоқол унинг ёлборишига эътибор бермади.
— Сенинг хунингни амир соҳиб ҳазрат тўлайди. Шундайми? — Оқсоқол Мирза Қандилхонга қаради. Бу кутилмаган саволдан Мирза Қандилхон гангиб қолди. Яхшики оқсоқол ундан жавоб талаб қилмади. Йўқса, нима дейиши ўзига ҳам қоронғи эди.

Ғуломқодир онаси билан рози-ризолик тилашиб, тарк этган эди бу қишлоқни. Уни ҳеч ерда ўлим бағрига олмади. Жон беришни истаб келиб эди, бу ерда ҳам ўлим ундан қочди. Энди яна онаси ҳузурига кирди. Рози-ризолик тилаб кирди яна. Юзлари онасининг кўз ёшларидан жиққа ҳўл бўлди. Юраги онасининг нолаларидан пораланди. Кўз олдини алам, ҳижрон пардаси тўсди. Томоғини айрилиқ панжаси билан бўғди.

Уйидан чиқиб, кутиб турган соварлар сари юрди. Асадуллага рўпара келиб, тўхтади. Унга мунгли нигоҳини қадади. Асадулла бу нигоҳга дош беролмай, кўзларини олиб қочди.
— Сиздан рози эмасман, соҳиб...

Ғуломқодирнниг секин айтган бу гапи дарани гумбурлатиб юборгандай, атрофни акс-садо тутиб кетгандай туюлди Асадуллага.

«Сиздан рози эмасман, соҳиб... Сиздан рози эмасман...»

Асадулла унинг дардини тушуниб турарди. Лекин шундай ёш йигитни нодон ўлим қўлига топшириб кета олмас ҳам эди.

Работдагилар буларни совар изидан кетганини билиб, қаландарни ўлдирган одам топилибди-да, деган хаёлга боришган эди. Бундай бўлмаганини эшитиб, ҳаммалари ажабланишди.

2

Кобулда элчиларни интиқлик билан кутаётган бўлсалар-да, карвон ошиқмас эди. Вакола ҳайъатини тоғли-тошли йўлларда уринтириб қўймаслик учун меҳмондор карвоннинг илдамлашига йўл қўймасди. Кун ёйилмай бир работдан йўлга чиқиб, кун ботарда иккинчисига қўниб, аста-секинлик билан Кобулга яқинлашар эдилар. Босиб ўтган работларининг барчаси бир-бирига ўхшаш: бир суратда, бир қолипда, бир усулда ишланган: биридан иккинчисига кўчиб борган киши аввалгисидан бунисини айирмоғи учун ўткир зеҳн соҳиби бўлмоғи лозим эди. Работларга амир томонидан тайин этилган арбоблар карвонни оқшом чоғи эҳтиром ила кутиб олишар, сабоҳда эса лутфлар кўрсатиб узатардилар. Шу зайлда карвон Ҳирот вилояти чегарасини босиб ўтиб, Кобул вилоятига қадам қўйди.

Чилла чиқиб, кун анча салқинлашди. Айниқса кечалари изғирин туриб, Асадулланниг кўкрагидаги оғриқ бот-бот азоб бера бошлади. Айниқса, кунда олти-этти тош масофани отлиқ босиб ўтиш машаққати ҳам ҳолдан тойдира берди.

Бугун йўл анча текис бўлганидан илдамроқ юришганми, ҳар ҳолда Панжоб работига оқшом тушмай етиб келишди. Беш томондан беш ирмоқ келиб қўшилувчи ерга қурилган работ атрофи бениҳоя манзарали эди. Шу манзараси билан ҳам уни ўзгалардан дарҳол фарқлаш мумкин бўларди.

Таом ҳозирлангунга қадар Асадулла работдан ташқарига чиқиб, тиниқ ирмоқ бўйида бир оз ҳордиқ чиқармоқчи бўлди. Ирмоқ томон юрди-ю, катта харсанг устида кунботарга боқиб ўтирган Ғуломқодирни кўриб, аввалига тўхтади. Унга халал бергиси келмади. Ўша кундан бери неча работ босиб ўтсалар-да, Ғуломқодир ундан ўзини нари тутади. Бироқ, бу ҳамиятли йигитни шу аҳволга солиб қўявериш ҳам инсофдан эмас. Жисмоний ўлим чангалидан тортиб олиб, маънавий ўлимга — узоқ давом этадиган азобга ем қилиш — ўтакетган бераҳмлик, бадкирдорлик эканини Асадулла билар эди. Шу учун ҳам йигитни ўз ҳолига буткул ташлаб қўя олмасди.

У беихтиёр Ғуломқодир томон юрди. Йигит шарпани сезиб, орқасига ўгирилди. «Нимага келяпсиз?» — дегандай Асадуллага бир нафас тикилди-да, сўнг яна бурилиб олди. Асадулла индамай келиб, унинг ёнидаги кичикроқ тошга омонат ўтирди. Ирмоқ адоғига, йигит тикилиб турган ёққа қаради: кун қизариб ботяпти. Гўё уфқ қонга беланган, гўё ирмоқ қорли эмас, қонли чўққидан бошланади, гўё бу ирмоқдан сув эмас, қон оқади, сўнг кела-келгунча тиниб, сувга ўхшаб қолади...

Асадулла энгашиб, кафтига сув олди. «Бу йигитнинг қалби шу сув каби тоза, тиниқ. Шафақ сув юзига ранг бериб, кўзни алдаяпти. Бу йигитнинг ҳам кўнгил кўзи алдаяпти. Шафақ кетса, алдамчи ранг йўқолади. Аммо кўнгил кўзидаги ранг пардани қандай йўқотиш мумкин?..»

Ғуломқодир ёнида ўтирган Асадуллага қарамади ҳам. Уфққа тикилиб ўтира-ўтира, ўрнидан турди. Асадулла ҳам қўзғалди.
— Иним, мендан ранжиганингиз ножоиз.

Ғуломқодир бу гапга дастлаб парво қилмади. Аммо уч-тўрт қадам босгач тўхтаб, ўгирилди:
— Сиз менинг жонимни асрайман, деб жонимни қийноққа солиб қўйдингиз, сиздан ризо эмасман, — деди у совуқ оҳангда.

Бу сафар унинг гаплари тошларга урилиб, акс-садо бермади, аксинча муз бўлиб, Асадулланинг вужудини титратди.
— Мен сизнинг жонингизни эмас, имонингизни асрадим. Бежаноза кетишдан асрадим сизни, — деди у.
— Бу нима деганингиз?
— Сиз хунхўрларга жонингизни инъом этмоқчи эдингиз. Ҳеч бир олишувсиз, кўксингизни ханжарга тутиб берардингиз. Шундайми? Ҳа, шундай. Бу эса иним, ўз-ўзини ўлдирмоқ ила баробар. Бундайларга жаноза ўқилмайди, тўнғиз қавмида кетади. Бу дунёингиз куйгани камми эди, у дунёингизни ҳам куйдирсангиз.

Ғуломқодир бирдан бўшашди. Совуқ боқаётган кўзлари мўлтиллаб қолди.
— Ростми шу? — деди у қулт этиб ютиниб.
— Шариат ҳукми бу. Бундайлар аҳли муслим ётган қабристонга ҳам қўйилмайди. Якка-ёлғиз, бир четга қўйилади. Мен буни сизга раво кўрмадим. Айбим шу.

Ғуломқодир бошини хам қилганча харсангга қайтиб ўтирди.
— Мен ўлимни истайман, соҳиб, у мендан не учун қочди? — деди хўрсиниб.
— Ўлимни ўйлашингиз чакки. Сизга зеҳн, идрок не учун берилган, куч-қувват не учун берилган, нодон ўлимга бўйин эгиш учунми! Ё юртга омонлик келтирсин, неъматлардан тўйиб-тўйиб, қувониб-қувониб баҳраманд бўлсин дебми? Сиз яшашингиз, ортингизда зурриёд қолдиришингиз лозим.
— Асадулла йигитни шу гаплари билан овунтиргандай бўлди.

Работ томонда яна бир карвон кўринди.

Асадулла йигитни ёлғиз қолдиришни маъқул кўриб, изига қайтди.

Работга кичик карвон қўнган эди. Работ арбобининг питирлаб қолганига қараганда баобрў одамлар келган кўринади. Ҳовли саҳнига кўрк бериб турган чинор ёнида Хмарин икки аъён билан гаплашиб турарди. Асадуллани кўриб, чақирди.

Асадулла Миръаламович, буёққа келинг.

Иккала аъён ҳам Хмарин мурожаат қилган томонга ўгирилди. Бири узун бўйли, қотма, ёноқлари бўртиб чиққан афғон эди. Яна бири... ўрта бўй, тўла, қўйкўз, калта соқол-мўйлаб... ёпирай... тушими ё ўнгими бу?!
— Тошкентга бораётган элчилар билан учрашганимизни қаранг. Амир кетма-кет иккинчи ваколани ҳам отлантирибди. Танишинг: генерал мирзо Муҳаммадхон, маслаҳатчилари ва таржимонлари Маматшариф...

Хмариннинг гаплари элас-элас қулоғига чалинди. Асадулла, кўзларини Маматшарифдан узмай, қулочини ёйиб, қадамини тезлатди.
— Миръалам ўғли, сизмисиз?

Тақдир панжалари айириб, номаълум томонларга, бегона юртларга итқитиб ташлаган ҳамфикрлар, бир-бировини кўриш умиди хира тортган биродарларнинг тилидан бошқа гап учмади. Айрилиқларни кўравериб зада бўлган юраклар бу кутилмаган дийдордан ларзага тушди.

Хмарин бу учрашувдан унчалик ажабланмаган сардорга савол назари билан қаради.
— Маматшариф ўзбек. Ҳамюртини учратди шекилли? — деди сардор.

«Кўринишларига қараганда фақат ҳамюртга ўхшамайди», деб ўйлади Хмарин.
— Мусофирликда дийдор кўришиш пешонамизга ёзилган шекилли? Бир Бокуда кўришсак, бир бу ерда? — деди Асадулла биродарини бағридан бўшатиб.
— Миръалам ўғли, сиз айтманг, мен куймай. Бу не шодлик бўлди, дийдор кўришдик, бу не ғамки, яна айрилиқлардан бағримиз ёнса?
— Айрилиқдан гапирманг. Дийдор кўришувимизнинг ўзи бир саодат.

Кечки таом чоғи икки вакола бир дастурхон атрофида давра қурди. Дастурхонга таом тортилмай туриб, Асадулла дўстини таништирди:
— Маматшариф маърифатпарвар шоирларимиздан. Жаҳолатга, зулмга қарши хўб ва кўп ёзганлар. Виталий Сергеевич, бу кишининг шеърлари ҳатто Оренбург газеталарида ҳам босилган.
— Унда мен билишим керак. Тахаллуслари нима эди?
— Тахаллуслари... бир оз ғайритабиийроқ... зулмни лаънатлаб ёзганлари учун кўпроқ «Ваҳший» деб имзо чекардилар.

Шувалов билмас эканман, деб бош чайқади. Гапни унинг ўрнига Синелникова илиб кетди:
— «Ваҳший»? — У Маматшарифга ажабланиб қаради. — Шеъриятда бундай ном билан чиқиш... Нафосатга бундай ном билан кириш?..
— Бунда рамзийлик бор, Валентина Николаевна. Ҳаммаёқни сиёсатга бостириб юборсанглар... гўзаллик қаёққа қочиб жон сақлайди?
— Гўзалликнинг қочишига йўл қўймаймиз, — деди суҳбатга аралашмай турган Маматшариф рус тилида бурро қилиб.

Гапга оғиз жуфтлаган Синелниковани Ушинскийнинг саволи тўхтади:
— Айтинг-чи, Маматшариф, Туркистонга қандай мақсад билан боряпсизлар?
— Амир фармонига биноан тижорат ишларини йўлга солмоғимиз лозим. Туркистон ҳукумати билан шу хусусда музокара юритмоқ ниятидамиз. — Маматшариф шундай дегач, берилган саволни ва ўзининг жавобини элчига таржима қилиб берди.
— Туркистон бизга нима сотиши мумкин? — деб сўради Муҳаммадхон Хмаринга юзланиб.
— Буни Тошкентга борганингизда батафсил билиб оласиз, — деди Хмарин.
— Бу йил ғалла мўл бўлди. Биз ғалла сотишимиз мумкин.
— Жуда яхши... — деди Ушинский, аммо Хмариннинг норози қарашини англаб жим бўлди.
— Буни ҳам Тошкентда бафуржа келишиб оласиз. Бир работда учрашган икки элчининг вазифаси бу эмас, билъакс, таомни маҳтал қилмайлик.

Муҳаммадхон Хмариннинг шарқона нозик қочиримини англаб, жилмайган ҳолда унинг фикрини тасдиқлади.

Йўл азоби кучини кўрсатиб, аста-секин оромга берилдилар. Дийдор бодасидан маст икки шоир, икки ҳаммаслак, икки маърифатчи, бу кеча йўл азобини унутди. Барглари шабада қўлида майин сийпаланаётган чинор остидаги супада бақамти суҳбат қурдилар.

Ирисовнинг хиёнатидан сўнг Маматшариф Қўқонга, ундан юрти Чустга, у ерда ҳам изига тушишгач, сарҳад ҳатлаб, хорижга бош олиб кетган эди. Асадулла сургундан қайтгач, айниқса Қўқонда иш юритган кезлари биродарларини сўраб-суриштирган, аммо дарак топмай армонда юрган эди. Ҳозир ана шуларни эслади. Ирисовни, Саид Ғаффорбек либосида кўз юмган сотқинни эслади.
— Ўзгаришлардан хабар топдим. Қанотим бўлса учар эдим, бироқ бу юртни ташлаб кетолмадим, — деди Маматшариф афсус билан. — Афғонистон оғир кунларимда менга бошпана берди, бу ерда янги усул мактаб очдим. Кобулдаги ягона газитда иштирок этувимга монелик қилишмади. Маҳмудбек Тарзидек оқил инсон билан фикрлашмоқ бахтига муяссар бўлдим. Бу бахтга эришувим эвазига юртнинг хизматини ҳам қилишим лозим эди. Эсингиздами, кимки халқ манфаати йўлида қадам қўйса, уни туну кун бад дуо қилар эдилар. Шу кунларни кўриб, бу юртга келганимда бағримга офтоб текканда жўнаб қолишим инсофсизлик бўлмасмиди?

Асадулла жавоб бермай, бош ирғаб қўйди.
— Билишмча, Туркистон нотинч эмиш?
— Сизлар фақат тижорат сабаби билан эмас, шуни ҳам билиб келгани боряпсизлар, шундайми?
— Амир атрофида турли ниятли одамлар бор. Унинг чалғиши табиий.

Асадулла Туркистондаги аҳволни мухтасар тарзда баён қилди.
— Мен йўл-йўлакай разм солиб келяпман, афғонларнинг аҳволи бизникидан яхши эмас. Қаёққа қарасанг харобалик, жаҳолат излари. Шиа-сунний қирғинлари, қабилалар аро шўришлар оқибати...
— Фуқаро аҳволи оғир, кўзлари ғафлат, жаҳолат уйқусида. Бизнинг деҳқонлар қандай таланса, буларга ҳам шу қадар зулм ўтказдилар. Бу ерда ҳам шайхлар — сайёд, сайди — жоҳил бандалар.
— Амир тузуми буларга барҳам берувига имонингиз комилми?
— Амир ғоятда доно, маърифатпарвар, инсонпарвар.
— Саволимга чап бердингиз? Назаримда ишонмайсиз. Тарихда оқилу доно подшоҳлар кўп ўтган, аммо ҳеч бири халққа тўла озодлик бермаган, ҳеч бири халқни жаҳолат ботқоғидан тортиб олмаган.
— Мираълам ўғли, алҳол бундай хулоса вақти эмас.

Маматшариф шундай деб ўйланди: орадаги йилларми ё орадаги йироқ йўлларми, таъсирини ўтказибди: маслакдош биродарлар фикрларида фарқ сезилибди.
— Биз сиз билан узоқ вақт кўришмадик, — деди Асадулла худди унинг хаёлидаги гапни уққандай. — Фақат одам эмас, олам ўзгариб кетди. Зулмга, нифоқларга, урушларга... фақат жаҳолат сабаб, халқ савод чиқарса ҳаммаси барҳам топади, деган ақидамиз, у қадар тўғри эмас экан. Халқни биров зулмдан озод этмас экан, биров нифоқларга барҳам беролмас экан. Қўлга қурол олиб, курашиб, жон бериб эришилар экан бундай саодатларга. Сиз бу ақидалардан йироқда юрдингиз, ҳозир ҳазм қила олмассиз. Бориб кўрарсиз, амин бўларсиз.

Маматшарифнинг истаги билан бировлари Кобул воқеаларидан гапирса, бировлари Тошкент воқеаларидан ҳикоя қилиб, тонг оттидилар.

Кун ёйилмай туриб, карвоннинг бири Кобулга, бири Тошкентга йўл олди.

Қисқа дийдорнинг умри тугаб, икки биродар учун яна айрилиқ они етишди.

Маматшариф хорижия нозири Маҳмудбек Тарзи номига мактуб битиб, дўстини таърифлаб берди. Вакола ҳайъатининг таклифига кўра, Асадулла Туркистон Марказижроқўмига мана бу хатни ёзиб берди:

«Сана 1919 милодий, 13 август, туфроғи Афғонистон, работ Панжобда ёзилди.

Туркистон Марказий Ижроия Қўмитасига.

Муҳтарам ўртоқларга маълум этарамки, ушбу зот шавкат маоб мирзо Муҳаммадхон сардор Афғонистон амири шарафи олийларидан буюк ваколат ила бизим Туркистонга ташриф буюражаклар.

Муҳтарам ўртоқлар, ҳар ҳолда бу зотнинг эҳтиромларин ерина етурингизга аминман.

Маълумингиз бўлсинким, бизим вакола ҳайъати Афғонистон туфроғинда бешикаст йўл босиб Кобулга ёвуқлашмоқдадур. Биза кўрсатилмиш лутфу карамлардан аёнким, афғонлар дўстлик алоқа боғланувидан астойдил манфаатдорлар ва уларнинг самимий истакларига инонмоқ лозим.

Русия Ижтимоий Шўролар жумҳуриятининг Афғонистон вакола ҳайъати».

3

Карвон работларни, йўл бўйидаги юзлаб мозорларни ортда қолдириб, тобора Кобулга яқинлашарди. Кобулга яқинлашгани учунми, йўл анча жонланиб, серқатнов бўлиб қолди. Аскарлар қуршовидаги катта карвонни савдогарлар ҳадик билан кузатадилар. Серўт ерларга кўчаётган қабилалар эса қизиқиш билан қараб туришади.

Вакола ҳайъати орасида қаландарнинг ўлимидан кейин совуқчилик вужудга келди. Айниқса Хмарин сержаҳл, одамови бўлиб қолди. Бир работда Ушинский Синелникова чодирига кириб, унда тунаб қолгач, сомонхонага етишган бузоқдай бўлди-қолди — Хмаринни гапирмай ҳам қўйди.

Зикриё афандининг ўлимидан сўнг Асадулланинг Шуваловдан бўлак суянчиғи йўқ эди. Бугун ҳам улар ёнма-ён боришяпти. Йўл четига саноқсиз қўй-қўзи, улоқ, йилқи, қорамолни ёйиб аста жилаётган қабиланинг ҳаракатини кузатиб бир воқеани кўришдики, оқибатда бунинг даҳшатидан анчагача ўзларига келолмай юришди.

Қабрлари устига қўчқор шохлари қўндирилган, буталарга оқ-кўк латталар боғланган мозористонда йигирмага яқин эркагу аёл фарёд чекиб, юзларини юлиб турарди. Ўртада эти устихонига ёпишган, ёшини аниқлаш амримаҳол бўлган одам оёқ-қўлини узатиб ётар эди. Асадулла аввалига уни мурда деб ўйлади. Бир вақт ерда ётган одам қўли ҳаракатга келди, фарёд ураётганларга нимадир деди. Шундан сўнг улар атрофдан тош олиб келиб, тирик одам устига тера бошладилар.
— Нима қиляптилар, кўмяптиларми? — деди Шувалов ҳайратланиб.
— Шунақага ўхшайди, — деди Асадулла одамлардана кўз узмай.

Бу даҳшатли манзарани охиригача кўра олмай, иккови худди келишиб олган мисол бараварига отни ниқтаб олдинга интилишди. Мирза Қандилхон уларнинг гапларини бепарволик билан эшитди.
— Бемордан умид бўлмаса шундай қилишади, — деди.
— Балки табибингиз ёрдам берар?
— Буларнинг одатига аралашмаган маъқул. Ҳамманинг ўз удуми бор. Бегона бош суқса ёқтирмайди.

Шувалов, «даҳшат, даҳшат», деб пичирлаб, отнинг жиловини бўшатди. У аста-секин ортда қола бошлади. Асадулла бир қанча вақт Мирза Қандилхон билан ёнма-ён борди.
— Бу ҳолда беморларни кўмиб кетаверишса, қирилиб битишади-ку? — деди Асадулла.

Мирза Қандилхон унинг куйинишига киприк ҳам қоқмади.
— Оллоҳнинг иродаси, — деди у беписандлик билан.
— Эркакларнинг камлиги... балки шундандир?
— Йўқ, бундан эмас. Эркаклар муҳорибада...

Мирза Қандилхоннинг бу ҳолда, бу оҳангда гапириши Асадулланинг ғашини келтирди. Жиловни тортиб, отини тўхтатди. Мирза Қандилхон: «Нима бўлди?» — дегандай унга бир қараб қўйиб, йўлида давом этаверди.

«Қишда қор ёғишига, ёзда офтоб чиқишига одамлар ажабланишмайди, — деб ўйлади Асадулла. — Худди шунинг каби инсон боласининг хору хароблик ила ўлишига, бесабаб, бемақсад қирилишига ҳам ажабланишмаса, ажабланиш нима экан, даҳшатга тушишмаса, фарёд уришмаса...

Эркаклар муҳорибада... Буткул юмушлар шу касалманд, шу аёл, шу бола-бақра бўйнида. Оила бошлиғи не сабабдан кетди, билишмайди. Одам одамга ёв, қабила қабилага, юрт юртга... Қачон барҳам топади бу? Бола отаси билан, жувон эри, она ўғли билан шод-шодон яшайдургон давру давронларга етишув бахти қачон юз очади?..»

Тошли йўлда от туёқларидан чиққан овозлар акс-садо беради. Асадулланинг назарида бу дара, бу тошлар одамларга фарёд билан мурожаат қилаётгандай: «Эй, мухталиф одам болалари, — деяётгандай гўё, - на учун сиз бу қадар бир-бирингизга душман бўлдингиз? Токайгача бир-бирингизга душманлик ва ҳақорат назари ила боқажаксиз. Токайгача ҳаёти ижтимоиянинг йўлларина дарбадар бўлажаксиз?! Йўқ, бу фикрингиздан қайтингиз. Бу ҳобгоҳларингиздан чиқингиз, бу мутаассиблик, бу жаҳолатингиз чодирин улоқтирингиз! Бир кун келур, бу қилмишингиз, бадкирдорлиғингиздан пушаймон бўлажаксиз. Лекин сўнг ўнгаажагингиз фойда бермас.

На кўрди дунёда инсон бузуқ бу ихтилофиндан,
Туғилди турли шўришлар маишат ихтилофиндан.
Бўлиб бир-бирга душман кун кечурди, кўрмади роҳат,
Қирилди, маҳв ўлди, кечди улфат иттифоқиндан.
Ойилди молу сарватдан хариф ўлди шақоватга,
Йироқ кетди адолатдан ҳама миллат хилофиндан...»

Тошлар туёқлар зарбидан жаранглайди. Гўё фарёд қилади. Тили бўлганда эди бу тошларнинг. Фарёдига инсон боласи чидаш бера олармиди? Не қирғинларни, не адолатсизликларни кўрмаган бу тошлар. Афсуским, уларнинг забони йўқ. Бўлганда эди, шубҳасиз, Асадулла хаёлидан ўтган гапларни айтарди. Балки ундан зиёда қилиб, инсон боласининг юрагини поралайдиган қилиб айтарди. Афсус, минг афсус, тили йўқ...

Агара бу йўллар ҳарб-зарб эмас, фақат холис ниятли элчилар йўли бўлса эди, оламнинг кулгиси, қаҳқаҳаси ўзгача янграрди. Бу тошлар фарёдининг унини ўчириб, бағрига сингдириб, яшириб юборарди.

Таҳликали, тоғли-тошли йўлларни ортда қолдирган карвон шундай биродарлик, яхшилик йўлини очиб бораётган бўлса не ажаб!

Учинчи боб - таҳлика ва умид

1

Лорд Челмсфорд Равалпиндидаги сулҳ натижаларини батафсил эшитиб, жаҳл билан қўл силтади.
— Шармандалик, — деди у бўғилиб, — бу шармандалик тамғаси узоқ вақт унутилмайди. Бу шармандалик учун Гамилтон Грант билан лорд Челмсфордни айблашади, ҳа, унутманг буни!
— Сер, айбномангиз ноўрин, — деди Гамилтон норози оҳангда. — Биринчидан, аввал ҳам Афғонистонга икки карра қўшин тортиб, мақсадга эришолмаганмиз. Иккинчидан, бу сулҳ бундан ҳам шармандалироқ бўлиши мумкин эди. Маҳмуд Тарзининг келишига норозилик билдириб яхши қилдик. Музокарани у юритганда... бу шармандалик ҳолва эди.
— Шундайми? — Челмсфорд унга ўқрайди. — Унинг қобилиятини шу даражада юқори қадрлайсизми? Ҳинд муҳожири-чи? Оти нима эди?
— Абдул Ғани.
— Ҳа. Унинг музокарада иштирок этувига қандай йўл қўйдингиз? У бетўхтов қамоққа олиниши керак эди.
— Сер, бу мумкин эмас, ахир у расмий вакола аъзоси, қолаверса, у Ҳиндистонда ғайри ишларда айбланмаган. Аксинча, Ҳабибуллохон шундай айб билан қамоққа олган.
— Ҳабибуллохоннинг фаҳми етган ишга сизнинг ақлингиз калталик қилибди-да?
— Сер, истаган дипломатингиздан сўранг, бу ишда биз ютдик. Ҳайронман, Афғонистондан бунча қўрқиб қолгансиз?
— Қўрқиб? — Челмсфорд жаҳл билан тескари қараб олди. — Сиз пашшадан қўрқасизми, Гамилтон? Ҳа, қўрқмайсиз. Лекин ғинғиллашига тоқат қилолмайсиз. Афғонистон мен учун бир пашша, билиб қўйинг. Шундай биқинимизда ғинғиллашига чидолмайман.
— Хотиржам бўлинг, сер, иқтисодий қамалга Афғонистондан кучлироқ давлатлар ҳам бас келолмайди.
— Қамал дедингизми? Қизиқ... қамал деганда чор-атрофдан ўраб олиш тушуниларди. Афғонистоннинг шимолдаги дарвозаси ланга очиқ турса ҳам қамал дейилаверадими? Янглишмасам, рус элчилари Кобулга яқинлашиб қолганлар? Гамилтон, менинг гапим эсингиздами?
— Эсимда, сер, биз ҳамма чораларни кўрдик. Элчилар айланма йўл билан юриб, кўп вақт йўқотишди. Ҳаммаси режа билан боряпти. Биз қўйган одам ишни пухта юритяпти. Элчилар орасида парокандалик бор. Амир билан бир қарорга келиша олишмайди. Улардан олдинроқ Кобулга етиб келган Туркистон арбоблари амирнинг фикрини ўзгартириб юборишади.
— Гамилтон, мен сизга қойилман: бошингизга келган ҳар бир бемаъни орзуни ҳақиқатдай гапира оласиз.
— Бу бемаъни орзу эмас. Аниқ бўладиган иш.
— Бўлмаса-чи?
— Унда сўнгги чорага ўтамиз. Афғонистонга келган ҳар бир элчи бу тупроқда умрбод қолади.
— Террорми?
— Нимага? — Гамилтон айёрлик билан кулумсиради. — Афғонистонда нима кўп, касаллик кўп, дордан қочган каллакесар кўп... Шу мақсадда Хаустоннинг Кобулда қолгани маъқул. Сиз унинг қайтишига ижозат берган экансиз?
— Кобулда қола турсин, дейсизми? Яхши. Қолсин. Элчиларнинг Кобулга соғ-омон етиб келиши — унинг ҳам айби. Айбларингни биргаликда ювинглар. Тошкентлик бойнинг ўғиллари Кобулга жўнадими?
— Ҳа, сер. Улар оталари билан Тошкентга қайтиб, биз учун ишлашади. Хаустон мана шу ишни жуда яхши ўйлабди.

«Менинг кўнглумки гулнинг ғунчасидек таҳ-батаҳ қондур. Агар юз минг баҳор ўлса очилмоғи не имкондир», деганларидек, Равалпиндидаги сулҳдан сўнг Маҳмуд Тарзининг кўнгли хуфтонлигича қолаверди. Ҳатто бу тонг амирни йўқлашни ҳам канда қилди. Муҳташам хонасига, хонани чирмаб олган ёлғизликка банди бўлиб ўтирди. Узоқ ўтирди. Ақлини таниб кўрган бегона юртларни эслади. Қоринлари тўқ эди. Муҳтожлик уларга яқин йўламасди. Бироқ одам боласи жиғилдон билангина тирик эмас экан. Унинг киндик қони Афғонистонга тўкилмаган бўлса-да, юраги шу томон талпинарди. Отаси уни ғазал мулкига бошлаб, нуктадонлик илмига ошно қиламан деганда, хаёли уни ўзга оламга чорларди. Отаси унга кўп танбеҳ берди. У эса фаранги лисонини ўрганди. Фаранги адибларини форсийга ўгирди. Фаранги инқилобчиларини ўрганди. Отаси ғазалиётнинг нафислигини унга юқтирмоқчи бўлди. У эса шеъриятга исёнкорлик руҳини олиб кирди.

Бир куни отаси умидлари синган одам аҳволида ундан гина қилди:
— Сени нуктадон шоирлар қаторида кўрмакни орзу қилиб эдим.
— Нуктадонлик олий хислат, — деди Маҳмудбек отасига, — аммо юртни кўнгил ишқи ҳақидаги ғазаллар билан озод этиб бўлмайди. Юртни озод этмоқ учун халқни жаҳолат уйқусидан уйғотмоқ керак. Бунинг учун фақат исёнкор шеър даркор...

Отаси бош чайқади-ю, индамади. Юртдан қувилган, юрт соғинчи вужудини кемириб ташлаган шоир ўғлининг фикри тўғри эканини тушунарди. Тушунарди-ю, ўғли таҳликали йўл танлаганидан безовта эди.

Дунё тасодифларга тўла. Аммо қувғин қилган зулмкор билан қувғиндаги бечоранинг бир вақтда оламдан кўз юмиши камёб ҳодиса. Афсус шуки, отаси амир Абдураҳмонхон жони узилганини билмай кетди. Амирдан бир кун, борингки, бир соат кейин кўз юмганда ҳам армони қолмас эди бу дунёда.

Маҳмуд Тарзи жон талвасасидаги отасининг мўлтиллаган кўзларини, сўнгги нафасида бу кўзлардан чиққан икки томчи тиниқ ёшни унутмайди. Бу — армон, бу — айрилиқ, бу — ҳижрон кўзёшлари эди. Бу ёш кўздан эмас, балки юракнинг туб-тубидан, юрт соғинчи яширинган еридан чиққан эди. Бу кўзёшлари ўшанда гўё чўққа айланиб Маҳмудбекнинг қалбига тўкилди. Ўшандан бери бу томчи-чўғлар бот-бот уйғонади, уни қийноққа солади.

Равалпиндаги сулҳ натижасини эшитиб шу кўйга тушди.

Ҳожиб кириб, амир йўқлаётганини айтганда ҳам ўрнидан тургиси келмади. Бари бир бориши лозимлигини билиб, ноилож хонасидан чиқди.
— Бундай саодатли тонг кунда отавермайди, — деди амир гина оҳангида. — Сизнинг муборакбод этмагингизга зор бўлдик.
— Узрлиман, амир соҳиб, — деди Тарзи ундан кўзини олиб қочиб, - тобим йўқроқ...
— Оллоҳ сақласин, — амир шундай деб, қайнотасини икки елкасидан ушлаб, кўзига тикилди. — Дилингиз бир нимадан азият чекдими?
— Ҳа, амир соҳиб... Худодан яширмаганни бандадан яширмайман: сулҳдан кўнглимга азият етди.
— Сулҳдан? Ажаб... Инглистон бизга ён босди, бундан қувонмоқ ўрнига...
— Амир соҳиб, фикри ожизимча, Инглистон бизни чалғитган, лақиллатган. Ҳамонки сарҳадларимизни ўзимиз белгиламас эканмиз, озодлигимиз, мустақиллигимиз қайда қолди? Улар афғон амирлари тахтга ўтирар чоқларида бир оз эркалик қиладилару, яна оёғимизга бош уриб келадилар, деб ишониб қолишган. Бу учун сизга олти ой фурсат беришибди. Наҳот англамадингиз?
— Мен олти ойдан сўнг бош уриб борарканманми? Мен-а?!

Амир хона бўйлаб асабий юра бошлади.
— Ёв макрини ёлғон яширади. Сулҳга ишонмаслик керак. Ҳиндистондаги ғалаёнларни бостириб, сўнг яна бизга ҳужум қилмаклари аниқ.
— Бу фурсатда биз қаддимизни ўнглаб олажакмиз. Ўрусия орқали Фарангистонга чиқамиз. Алмонияга етамиз. Инглистон ҳали кўп пушаймон ейди, ҳа!

Омонуллохон шундай деб, яна қайнотаси рўпарасида тўхтади:
— Шўрави Руси йўллаган вакола қачон етиб келади?
— Бир ҳафталик йўл қолди чамамда.
— Бир ҳафта... Менга еткурган даракларига инонсам, улар орасинда ноиттифоқлик мавжуд эмиш. Бир-бирларига-да иззат йўқ эмиш?
— Улар машаққат ила олис йўл босиб келмоқдалар. Бундай аҳволда яқин хеш-ақробалар орасинда ҳам низо кўтарилмоғи мумкин. Хулоса чиқаришга ошиқманг. Билъакс, улар билан қай ҳолда музокара юритмоқни фикрланг.
— Туркистондан ташриф буюрмиш аъёнлар ваколаси ила музокараларни бошласам-чи?
— Зинҳор! Бундай қила кўрманг, амир соҳиб. Аввал чин вакола сўзларига қулоқ тутинг. Туркистон аъёнлари ваколаси ҳокимиятга эришолмаган, юраги зада. Кўнгулда қоралик мавжуд бўлиши эҳтимол. Улар сизни ҳақ йўлдан оғдириши мумкин.
— Доно фикр. Мен улар билан... бир вақтда музокара бошлайман. Сўнг бир вақтда тарози палласига қўяман.

Тарзи Қодир оға ҳазратнинг кеча амир ҳузурида бўлганидан бохабар эди. Шунинг учун куёвининг бу фикрига монелик қилмади. Амирнинг милтиғида бир ўқ бўлгани ҳолда икки қуённи мўлжалга олиш унда хавотир уйғотди. Бўлажак музокараларда тушунмовчиликлар, кўнгилсизликлара юз бериши мумкинлигини сезиб, афсусланди.

2

Қодир оға ҳазрат Туркистон аъёнлари ваколасининг сарвари Миркомилбойнинг сўзларини тинглаб, ажабланди:
— Қаландар жонини олмоқнинг нима зарурати бор эди?
— Вакола ичиндаги кишимизни фош қилиб қўймоғи мумкин эди.
— Чакки бўлибди... Оллоҳ раҳмат қилсин. Ислом йўлида шаҳид кетибди, жойи жаннатда бўлғай.
— Иншаоллоҳ... Энди муддаога кўчсак.
— Хўш?
— Амир ҳузурига кирмагимиз, Бухоро амири ила сўзлашган сўзларимизни етказмагимиз лозим.
— Нималарни сўзлашдинглар?
— Туркистон тақдирини.
— Хўш?

Бу афғоннинг қўполлигидан ҳожининг кўнгли оғриди. Афсус, афсус, давру давронлар ўзга. Йўқса бу одамлар олдида паст кетиб ўтирмасди-я! Аммо на илож: «Ёвга чиқсанг, яроғли чиқ, ёлғиз чиқмай, ҳамроҳли чиқ», деганлар. Туркистоннинг яроғи ҳам, ҳамроҳи ҳам шуларми энди?..
— Бухоро амири Афғонистон амирининг инглислар билан ярашмоғини истайди, — деди Миркобилбой аламини ичига ютиб.
— Хўш? — деди Қодир оға ҳазрат ўша-ўша совуқ оҳангда.
— Сўнг бирлашиб, Туркистонни шаккоку кофурлардан тозалаб, ундан сўнг инглисларга бас келмоқ мақсадга мувофиқ дейди.
— Амир бунга кўнмайди.
— Сабаб?
— Туркистонни куфрдан ҳоли этилувидан Афғонистонга нима наф бор?

Миркомилбой Қодир оға ҳазратнинг бу қадар сурбетлигини кутмаган эди. Инглислар Туркистонга кўп эмас, йигирма беш йил ҳукмронлик қилиш бадалига олам-олам ақча сарфладилар. Улар олдида бу афғонлар нима бўпти? На ақчаси бор, на яроғи. Бор-йўғи инглислар билан ярашиб туриши керак, вассалом. Шунга шунча нозу фироқми?..

Миркомилбой шуларни хаёлидан ўтказиб ғижинган бўлса-да, ичидагини сиртига чиқармади.
— Жаннатмакон амир Ҳабибуллохоннинг ниятлари бўлак эди, — деди у, ўзини хотиржам тутишга ҳаракат қилиб. — Фарғона вилоятида жиҳодга кўтарилган ислом лашкарларига мурувват кўрсатиб эдилар.
— Ҳазрат амир Ҳабибуллохон сарҳадларни бирмунча кенгайтирмоқни орзу қилиб эдилар. Бақо гулшанига барвақт чорландилар.

Бу гапни эшитиб, ҳожининг эти сесканди: «Иштаҳалари чакки эмас-ку?» деб ўйлаб, ғижинди.
— Ҳазрат амир Омонуллохонда бундай истак йўқми? — деб сўради у заҳрини сиртига чиқармай.
— Бу ёлғиз Оллоҳга маълум.

Шу жавоб билан амирнинг ниятлари бошқа экани, ҳазратнинг саройда мавқеи баланд эмаслиги аён бўлиб қолди. Шу сабабли Миркомилбой унинг олдида кўпам паст кетмади.

Қодир оға ҳазрат савлати келишган бу одамнинг ўзига пишиқ-пухта экани, Туркистон аъёнлари ҳар нарсага лаққа тушавермаслигини фаҳмлади. У фақат бир нарсага тушунмади: Туркистоннинг Инглистонга сотилгани, бу иш ўнгидан келмай, аъёнларнинг Афғонистонга юз тутганларини билганда ваколанинг тавба-тазарру, ялиниш-ёлворишлар ила мурожаат этмоқларини кутган эди. Вакола сарварининг ўзини тутишига қараганда улар ялиниб эмас, таклиф билан келишган. Агар чиндан шундай бўлса Афғонистоннинг худодот юртлиги қайда қолди? Қодир оға ҳазрат яна бошқа нарсага: музокарани аркони дин вакили эмас, эътиборли бой юритаётганига ҳайрон бўлди.

Қодир оға ҳазрат шу муаммолар чоҳида гарангсиди. Шунга қарамай, амир ҳузурига йўл олиб, уни Туркистон аъёнлари ваколаси билан музокара юритишга даъват этди: «Чиқмаган жондан умид», деб ўзига-ўзи таскин берди.

Кеча бўлиб ўтган бу суҳбатдан Тарзи хабар топган эди.

Амир Ҳабибуллохон: «Булар девор эмас, қулоқ», деб бежиз таъкидламаган экан...

Туртинчи боб - кобул

1

Боди Осиё, Човғул, Кўҳи Ҳаштрў ва ниҳоят, Қози қалъа... Кобулга кираверишдаги сўнгги работ, сўнгги манзил. Олтмиш етти хатарли кеча, олтмиш етти таҳликали кундуз ортда қолди. Кутилмаган ҳодисалар, дийдор ва айрилиқлар, шубҳалар, муаммоларга бой бўлган олтмиш етти кун хотирага, ўтмишга ҳижрат қилди. Уларни сеҳрли оҳанрабодай ўзига тортган Кобул, ана, қўл узатса етгудай бўлиб, рўпараларида турибди. Неча-неча саркарда тиғ санчмади бу шаҳарга. Неча-неча қирғинларни кўрмади бу шаҳар. Қилич яланғочлаган саркардалар шаҳарни маҳв этиш йўлларини балки худди шу ерда туриб ўйлашгандир? Ҳаммаси мозийнинг қора чодири ортига яширинган эди. Амирлар, саркардалар келаверди, кетаверди. Кўҳна шаҳар эса тирик. Ҳар бир қонли жангдан сўнг қаддини кўтариб, жароҳатларига халқ кўз ёшларидан малҳам қўйиб, даволаб, муаззам кунларга етишиш илинжида яшайверди, яшайверди... Шаҳарни балки ана шу нурли умид йилларнинг нафаси, темир тирноқли панжаларидан омон сақлаб, шу кунларга олиб келгандир?

Ер юзида кўҳна шаҳарлар кўп. Ҳаммасининг бағрида урушлар қолдирган беҳисоб тамғалар бор. (Бундай тамғалари билан куллар остида қолиб кетган шаҳарлар қанча экан?) Инсоният ваҳшийлигининг рамзи бўлмиш бу тамғаларга барҳам бериш фурсати етмадими? Одамзод изида фақат мозор қолдирмай, яхшилик чечаклари унувчи гулзорлар қолдириш палласига кирмадими?

Асадулла Кобул яқинида шуларни ўйларди.

Унинг ёнида турган Шувалов эса бешикаст етиб келишганидан ҳам хурсанд, ҳам хавотирда эди: «Демак, амир билан музокара юритаётганда бошланади», деган хаёл унинг тинчини олди. Энди: «Сафимиздаги ғаним ким экан?» — деб бош қотирмасди. Уни биларди. Аммо арқоннинг бир учини ушлаб, барча ғаламисликларни бошқараётган одамлар унинг учун номаълум эди. Буни аниқламай туриб, бир ишга киришиш мумкин эмасди.

Қози қалъага чодир тутилмаганидан, таом ҳозирланмаганидан билдиларки, бу ерда тунамайдилар. Бир оз салқинлаб, ташналикларини босадилар, холос.
— Алҳол фойтунлар етиб келгач, бетўхтов Кобулга дохил бўламиз, — деди Мирза Қандилхон.

Кўп ўтмай кумуш безаклар ила безалиб, зулукдай отлар қўшилган фойтунлар вакола ҳайъатини, қилич кўтариб эмас, яхши ният билан келган ўзга юрт элчиларини Кобул сари елдириб кетди.

Кобулнинг назарга молик боғларидан бўлмиш Моҳтоб боғида юзга яқин совар меҳмонларга лутф кўргазиб, саф тортиб турар, созандалар сози эса авжда эди.

Кобул аъёнлари вакола ҳайъатига иззат кўрсатди, аммо суҳбатга берилмади. Тўкин дастурхон атрофида ҳам гурунг қовушмади. Таомдан сўнг Мирза Қандилхон барчани яна фойтунга бошлади. Яна бир оз йўл босилгач, Боғи Мустафога етдилар. Боғ ўртасида Европа усулида тикланган иморат улар ихтиёрига берилди. Фақат иморат эмас, ичкари хоналарнинг ашёлари ҳам том европача эди. Таомларнинг ҳам европача бўлиши вакола ҳайъатини ҳайратга солди. Хуллас, узоқ давом этган сафар машаққатларидан холи бўлмоқ учун барча шароит муҳайё этилган эди.

Кечки таомдан сўнг Хмарин вакола ҳайъатини шийпонга тўплади.
— Жаноблар, манзилга бешикаст етиб келдик, — деди у, — энди ижозатингиз билан, ваколанинг барча хатти-ҳаракатини мен назорат қилсам. Йўлдаги ҳар бир ҳаракатимиз, орамиздаги тушунмовчиликлар, айниқса Вениамин Самойлович, сизнинг ҳаракатингиз аллақачон Кобулдаги зоти олийларининг қулоғига етиб келганига аминман. Шуни унутмаслигингизни ва барчангизнинг дипломатия қоидаларига қатъий амал қилишларингизни сўрайман. Сафар натижаси фақат музокарага эмас, ҳар бирингизнинг хатти-ҳаракатингизга ҳам боғлиқ. Менга бугун маълум бўлишича, Англия билан уруш якунига доир музокара тугалланиб, шартнома имзоланган. Шартнома мазмунини ҳозирча билмаймиз. Амирнинг, сарой аҳлининг асл ниятлари ҳам бизга қоронғи, Англия билан имзоланган шартномадана сўнг, амирнинг ташқи сиёсати буткул ўзгариб кетиши ҳам мумкин. Биз Россиянинг Афғонистондаги биринчи элчиларимиз. Юртимизга ҳам, тузумга ҳам бизга қараб баҳо беришади.
— Николай Захарович, хавотирингизга тушунмаяпман, — деди Ушинский. — Назаримда, йўлда ҳеч нима юз бермади. Ахлоқ-одоб доирасидан чиқмадик. Баҳсларимиз ҳам ўзаро ўтди.
— Шундай бўлишини истар эдим, — деди Хмарин қуруққина қилиб.

Ушинский ажаблангандек қўлларини икки ёнга ёйиб, бош чайқади.

  

— Николай Захарович, буёғига сиз қўмондонсиз, буюраверинг, — деди Шувалов қатъий тарзда.
— Афғонлар билан сиёсатдан гаплашманглар. Айниқса, сиз, Асадулла Мираъламович, амирлик тузумига тегишли сўз айтманг. Баъзан гап олиш, ғалва чиқариш учун сизга бирон-бир камбағални рўпара қилишлари ҳам мумкин.

Асадулла «маъқул» деб бош ирғади. Хмарин яна бир оз дипломатия қоидаларидан гапиргач, хонасига кириб кетди.

Нонуштадан сўнг Боғи Мустафога уч автомобил кириб келди. Мирза Қандилхон пешинга қадар Кобулни сайр этажакларини маълум қилди. Сайрдан биринчи бўлиб Синелникова бош тортди. Йўлда чарчаганини, ҳали ўзига келолмаганини баҳона қилиб хонасига кирди-да, эшикни ичидан қулфлаб олди. Вакола ҳайъатини ҳайратда қолдириб, Шувалов ҳам сайрга чиқолмаслигини айтди. Мирза Қандилхон пастда кутарди, ким боради, ким бормайди, деб мулоҳаза қилишга фурсат йўқ эди. Шу сабабли учовлон автомобиллар сари юрдилар.

Бир тарафи тоғ, бир тарафи водий бўлган бу кўҳна шаҳар манзараси диққатни тортгули эди. Эски шаҳар кўчалари бирмунча тор, сиҳатга зид бўлса-да, янги шаҳарда бино бўлган кўчалар, уйларнинг аксари гўзал, Европа усулида эди. Амир Абдураҳмонхон бошлаб, амир Ҳабибуллохон камол топтирган, бугунги кунда игнадан тортиб, замбаракка қадар Афғонистон эҳтиёжига зарур ашёлар тайёрлайдиган мошинхонани томоша қилиб, сўнг ҳарбия мактабида бўлиб, кейин шаҳарнинг кунботаридаги Боғи Бобурга кўтарилдилар.

Боғнинг шимол томонида мақбара, жануб қисмида мармартошдан бино қилинган бир масжид чинорлар панасида офтобдан яширинган.
— Бул чинорларни мирзо Бобур ўз қўллари билан экмиш эканлар, — деди Мирза Қандилхон меҳмонларни боғ бўйлаб бошлар экан.

«Абадийлик шуми? — деб ўйлади Асадулла, оҳиста қадам ташлаб бориб, чинор танасига кафтини қўяр экан. — Урушлар, зулмлар ҳам узоқ вақт унутилмайди, аммо булар лаънат билан эсланади. Боғ қилган, шаҳар бино этган, эзгулик уруғини сепган одам эса шу яхшиликлари билан абадий қолгусидир. Бобур, шоҳ Бобур буюк салтанат қарор топтирган инсон тош остида ётибди. Ҳаётини бағишлагани — барпо этган салтанати емирилиб битди. Эккан чинорлари эса тирик, битган ғазаллари тирик, байтларига сингган фарёдлари, армонлари тирик...

Толиъ йўқи жонимға балолиғ бўлди,
Ҳар ишники айладим, хатолиғ бўлди...

Демак, инсон боласининг бахти тожу тахтда эмас, тўкин дастурхонда эмас, зебу зийнатда эмас. Қўшин тортиб, юртларга эга чиққан одам ўз бахтига эга бўлолмас экан. Шоҳ Бобур эмас, Андижонда қора қумғонига кўз тикиб қолган, бири сира икки бўлмаган камбағал йигит бахтлироқдир...

Менга осон дурур бўлса агар юз минг туман душман,

Вале бўлмоқ жаҳонда, эй, кўнгул, беёр мушкулдур...

«Беёр», деб нимани назарда тутди экан? Балки: «Беватан мушкулдур», демоқчи бўлгандир?..
— Асадулла Мираъламович, дарахт билан гаплашяпсизми, нима деяпти?

Ушинскийнинг гапи унинг хаёлини парчалади. Кафтини чинор танасидан олиб, ҳамроҳларига қаради:
— Дарахтларнинг ҳам тили бор, Вениамин Самойлович, мана бу чинорнинг гапини эшитинг: «Мен шу ерга экилиб, неча юз йилдан бери шу тупроқни макон этганман. Сувсизлигига ҳам, аёзли совуғига ҳам, жазирамасига ҳам чидайман: серунум, серсув тупроқни маъқул деб кўчирсангиз - ўламан. Мени эккан одам маконидан кўчирилиб, айрилиқ армонида кетди. Мен кунда унинг мақбарасига қараб, шивирлаб, тасалли бераман. Лекин у жавоб қайтармайди. Беватанлик азоби эзиб, нобуд қилди ҳожамни...»
— Дарахт тўғри айтибди буни сизга, — деди Хмарин унга яқинлашиб. — Беватанлик — энг улуғ бебахтлик. Афсуски, буни ҳамма ҳам англайвермайди. Ватандан узоқларда юриш — менинг касбим. Бахтим эса Россияда. Россияда бўлган онларимни ҳеч нимага алишмайман.
— Сиз Россиянинг иқболи учун хизмат қиляпсиз.
— Бу гапларни қўйинг, керакмас...

Хмарин шундай деб нари кетди. Асадулла ноилож унга эргашди.

Боғи Мустафога кун пешиндан оққанда кириб келишди. Шувалов шийпонда, даҳанини панжарага тираб ўтирарди. Синелникова кўринмасди.
— Хўш, сафарлар қалай? — деди у ўрнидан туриб.
— Кўп нарсани йўқотдингиз, — деди Ушинский.
— Кетганларингдан бери ўзим ҳам афсусланиб ўтирибман....

Хмарин билан Ушинский хоналарига чиқиб кетишди. Асадулла Шуваловнинг бир нима демоқчи бўлаётганини фаҳмлаб, шийпонга ўтди.
— Ғуломқодиринг келди, — деди Шувалов жойига ўтириб. - Бизга хизмат қилади шекилли, яхши бўлибди. Менга қара, Мираъламович, сен унга тайинлаб қўйсанг, хонимчамиздан кўз-қулоқ бўлиб турса.
— Шаҳарга чиқмаганингизга шу сабабми?

Шувалов кўрсаткич бармоғини лабига босиб, «жим» деган ишора қилди.

2

Оқшомда хизматкорлар ғимирлаба қолишди. Атроф саришта бўлса-да, яна сув сепилиб, супурилди. Мармар ҳовуз, фаввора четлари артилди. Бу ҳаракатларнинг сабаби тез орада маълум бўлди. Мирза Қандилхон Хмаринга учраб, Афғонистоннинг хорижия нозири Маҳмудбек Тарзи ташриф буюражагини айтди.

Улар сардор Тарзи билан шийпон олдида учрашдилар. Олдинда Хмарин билан Асадулла, орқароқда Ушинский билан Шувалов. Ҳорижия нозирининг шарафлаб айтган сўзларига аввал Хмарин, сўнг Асадулла муносиб жавоб бериб, муҳорибада ғалаба Афғонистон тарафда бўлгани муносабати ила муборакбод этдилар. Хмарин Маҳмудбек Тарзининг табрик сўзларга жавоб қилмаганидан сездики, Англия билан тузилган шартномадан Афғонистон рози эмас: «Демак, сиёсатлари ўзгаришсиз қолади», деб қўйди ўзича Хмарин.

Танишув маросими охирлагач, шийпонга тузалган жойдан ҳар бирлари эътиборларига яраша ўрин олдилар.

Таомдан сўнг Хмарин Тарзига юзланди:
— Нозир соҳиб, одобсизликка буюрмайсиз, ваколамиз ҳайъати ҳазрат амир соҳиб билан кўришув онларини орзиқиб кутмоқдалар!

Тарзи жавобга шошилмади.
— Афсуским, амир соҳиб сизларни бир оз зориқтиришга мажбурлар. Кобулда вабо пайдо бўлибдур, деган хавотирдамиз. Амир соҳиб шу сабаб ила шаҳардан чиқиб, мавзега юзланганлар. Насиб этса, ийди қурбоннинг учинчи куни дийдор кўришувингиз мумкин.
— Сабаб фақат вабоми?
— Ўзга нарсадан гумонингиз борми?
— Инглистон билан тузилган шартнома таъсири эмасми бу?

Тарзи бу гапни эшитиб, кулимсиради:
— Хавотирингиз мутлақ ўринсиз, сафир соҳиб, Инглистон бизга мурувват қилмади. Йил адоғида яна муҳорибага киришувимиз мумкин. Таҳликамиз кўз юмгани йўқ ҳали. Шуни билингки, Инглистон мурувват қилган тақдирда ҳам Шўрави Руси ила ўрнатажак биродарлик алоқаларидан юз ўгирмаймиз.

Хмарин бундан мамнун бўлиб, жилмайди.

Асадулла Маматшарифнинг мактубини топшириш пайти етганини билиб, хатни узатди.
— Маматшариф афанди сизга нома битиб эдилар.

Тарзи хатни олиб, думалоқ гардишли кўзойнагини тақди-да, тезгина ўқиб чиқди.
— Хўб, бисёр хўб, — деди Асадуллага кулиб боқиб. — Сафорат аҳли орасида шоир мавжудлигининг ўзиёқ ажабтовур. Шоир — гўзаллик тарғиботчиси. Дўстлик эса энг буюк гўзалалик. Мен сиз ила суҳбат қурмоқдан беҳад шод бўлажакман. Маъзур тутинг, бизнинг «Сирож ул ахбор»га бир-икки байт битиб бера олсангиз нур алан-нур бўлур эди.
— Шу топдами?
— Ҳа, шу топда. Афғонистонимизни у бошидан-бу бошига юриб келдингиз, кўнглингизда уйғонган гаплар бордир? — Тарзи шундай деб, Мирза Қандилхонга давот-қалам келтиришни буюрди.

Асадулланинг хаёлида хомаки сатрлар бор эди. Қоғоз-қалам келгунча бу сатрларни пишитган бўлди. Тарзи унга халал бермаслик учун Хмарин билан гаплашиб ўтирди.

Асадулла хаёлидаги ўзбекча шеърни форсийга ўгириб ёзди-да, ҳорижия нозирига узатди.
— Ҳозирликсиз битилди, айбситмайсиз, — деди ҳижолатлик билан.

Тарзи шеърни олиб, овоз чиқариб ўқиди:

«Афғон биродаримга

Йўқ, азизим, сен ўксукдек букилмагин ерингда,
Ўгай эмас, чин фарзандсан, тур баралла шу жойда.
Ҳаяжонли ҳайқириғинг фазоларга юксалсин,
Ҳақ овозинг кезиб юрсин юлдузларда ва ойда...»
— Ташаккур сизга, Асадулла Мираълам, беҳад доно, зарур гапларни айтибсиз. «Сирож ул ахбор»нинг кўрки бўлувига шубҳам йўқ. Шеърингизга мирзо Бедилнинг бир байтини илова қилажакман:

Шоҳи аз гулбун масруфи гулхан мешавад,

Зиндаги бо дўстон айш аст, танҳо оташ аст.
— Озод юртнинг саодати, камоли, эллар аро эътибори беғараз дўстлари билан, — деди Тарзи.

Хорижия нозири кетар маҳали амир билан учрашув онининг бир оз орқага сурилиши учун узр сўраб, шаҳарга чиқиш мумкин эмаслигини эслатиб қўйди.

Йўл азоби — гўр азоби, дейдилар. Лекин кутиш азоби ундан ҳам ўтади. Йўл юрганда вақт ўтгани сезилмайди. Бу ерда эса боғ қанчалик манзарали, мукаммал бўлмасин, унинг серҳашам хоналари, фавворалари, балиқлар ўйнаб юрган тиниқ сувли ҳовузлари, ширин таомлари... жонга тегди.

Асадулла кундузи одамлар билан бўлиб, бир оз овунса-да, қоронғи тушиши билан ёлғиз қолиб, хотираларига банди бўла бошлади. Хотини, болалари атрофини ўраб, ҳол-аҳвол сўрашади. Бу тун ҳам шундай бўлди. Кенжатойи эркаланиб, соқолини силаётувди: «Менга ҳам тез соқол чиқсин», деб иягига иягини қўяётувди. Хотини тўғрида, дарча ёнида жилмайиб турувди... Бир овоз келди... Нима бу? Эшик ғичирлади шекилли? Боласи ҳам, хотини ҳам кўкка учдими, ғойиб бўлди. Ё эшикни ғичирлатиб очиб чиқиб кетишдими? Асадулланинг нафаси қайтиб, юраги тўхтаб қолгандай бўлди. Жонҳолатда сапчиб туриб кетди. Кўзини очди-ю, эшик оғзида одам қорасини кўриб, баданига муз югурди.
— Менман, соҳиб, айбситманг, чўчитиб юбордимми? — деб пичирлади одам қораси.
— Ғуломқодир? Нима гап? — деди Асадулла сал ўзига келиб.
— Уйқум қочиб, айвонда ўтириб эдим. Боғ томондан бир одам қораси келиб, хонимнинг хобгоҳларига кириб кетди.
— Қачон?
— Ҳозир.

Асадулла ялангоёқ ҳолда ташқарига чиқди. Хоналарга Европа усулида эшик-дераза ўрнатилган бўлса-да, эшик тепасида шарқона дарча қолдирилиб, ганжли панжара билан беркитилган эди. Синелникованинг хонасидаги махфий суҳбат шу дарчадан элас-элас эшитиларди. Аввалига жуда паст овозда гаплашганлари учун сўзларни англаб бўлмади. Кейин аёл асабийлашдими, овозини беихтиёр кўтарди:
— Жонимга тегди ҳаммаси. Айт, олиб кетишсин. Чекист фаҳмлаганга ўхшайди.

Синелникованинг бузиб бўлса-да, ўзбекча гапириши Асадуллани ҳайратга солди.
— Оз қолди, бегойим, чиданг, мана буни таомларига ташланг. Арафа ошига. Бир йўла қутуласиз.

Эркакнинг кимлигини овозидан танимади. Талаффузидан ўзбеклиги аниқ эди.
— Эсларингни едиларингми? — афтидан Синелникова қўрқиб кетди шекилли, овози сал титради. — Менинг вазифам эркакларни ёвлаштириб қўйиш эди. Буни бажардим, бас энди!
— Қўрқманг, бегойим, сиздан гумонсирашмайди. Кобулда вабо бор, вабодан кетди дейишади, ҳеч ким сезмайди. Ҳайит куни сизни Ҳиндистон томон олиб ўтишади.
— Ўзим-чи, овқатдан ўзим ҳам ейман-ку?
— Бир кун оч қолсангиз ҳеч нима қилмайди.
— Хаустонга айт, элчи тирик қолиши керак. У болшевик эмас..

Асадулла Ғуломқодирга: «Кўздан қочирманг», деб шивирлади-да, изига қайтди. Шуваловни уйғотиб келаётганда бирдан эркак кишининг бақиргани, кейин қаттиқ ихрагани эшитилди.

Синелникованинг эшиги олдида икки одам букчайганича типирчилар, узун оқ кўйлакдаги аёл эса остонада даҳшатда қотиб турарди. Асадулла югуриб келиб, тиз чўкди-да, Ғуломқодирнинг бошини кўтарди. Шувалов эса хонимни кўкрагидан ичкарига итариб, эшикни ёпиб олди.
— Қимирламанг, хоним, жойингиздан жилманг, — деди-да, қора либосли одам устига энгашди. Қўлини қайириб, қонга беланган дудамани ерга туширди. — Соварларни чақир, — деди Асадуллага.

Бир онда ҳамма оёққа қалқди. Машъалалар ёқилди. Асадулла машъала ёруғида нотаниш меҳмонга қаради. Паҳмоқ соқолли бу одамни танимади. Агар унинг кўзлари очиқ бўлганда, соқол чандиқни ёпмаганда балки ўша машъум воқеадан аввал ижарага бошпана қидириб юрган одамни танирди.

Чап биқинига санчилган ханжар азобидан букчайиб олган бу одам — Муҳиддин эди. У кўзини аранг очиб, Асадуллага тикилди. Таниди. Бемажол қўлини унга чўзди.
— Едиларинг-а, охири, энағарлар, — деди тишини ғижирлатиб. Кейин бир хириллади-ю, жон берди.

Яшамоқдан мақсад нима эканини ўйлаб кўрмаган, дунё лаззати ошиқ ташлашу ютуқдан иборат деб билган, аввал ўзига ёқмаган, кейинроқ бориб эса хўжайинларига маъқул бўлмаган одамларга пичоқ санчиб бир туки қимирламаган бу малъуннинг умри шундай тугади. Биқинига ханжар санчилганда, азобдан тўлғонганда, сўнгги нафаси чиқиши олдида хаёли равшанлашганда нималарни ўйлади? Отасини тупроққа қўйгач, оч қолганлари, сарсари кезганлариними? Силласи қуриб, самовархона яқинида сулайиб ўтирганда ошхўрлик қилаётганларга қараб илк марта одамзодга нисбатан нафрати уйғонганини, марғилонлик қиморбознинг уйидаги хизматлариними, бу уйдаги маишат, бузуқчилик ё тўкилган қонларними? Қўрбошининг, сўнг Хаустоннинг хизматларини адо этганими ё Ҳиротда, ташландиқ уйда, ҳинд муҳожирининг бошига тош билан уриб, сўнг оқбадан хонимчага оч бўридай ташланиб, сийналаридан тишлаб-тишлаб яйраганиними, сўнг карвон ортидан соядек илашиб бу ерга қадар келгани, қоронғи кечаларда оқбадан хоним билан кўришиб тургани, аммо нафсини қондиролмаганими, ё бу кеч девор ошиб саройга тушганда: «Энди албатта айш сураман», деб аҳд қилганиними? Ушалмай қолган орзулариними? Қиморда ютиб олган қизлар, ёш жувонлар билан бўлган кечалариними? Йўқ, буларни эмас. У ютуқларга ўрганиб қолган эди. Ҳаётни ҳам қимор деб биларди. Бу қиморда ҳам доимо ошиғи олчи туришига амин эди. Нима учун бугун омад кетди ундан. Бу ўйинга жонини тиккан эдими? Наҳот энди унинг ошиқ ташлаш имкони йўқ? Ҳаёт қимори шунчалар бешафқатми? У кўз юмган маҳалида шуларни ўйлади.
— Соҳиб, бу ёққа қаранг, — деди Ғуломқодир ёнида ўтирган Мирза Қандилхон.

Асадулла тиз чўкиб, энгашиб, йигитнинг бошига билагини болиш қилди.
— Соҳиб, — Ғуломқодирнинг овози жуда заиф чиқди. - Соҳиб, сиздан розиман, рози бўлинг...

Шундай деб бу йигит ҳам кўз юмди. Кўз юмди-ю, ҳар тун қонга беланган хотини билан адоқсиз суҳбат қуриш азобидан қутулди. Ниятига етди.

Шувалов соварнинг қўлидаги машъалани олди-да, эшикни очиб ичкарига бир қадам қўйди-ю, тўхтади.
— Мираъламович!

Асадулла Ғуломқодирнинг бошини аста ерга қўйиб, ўрнидан турди: ичкарида сочлари паришон, кўзлари чақчайган Синелникова жонсиз, тўшакда чалқанча тушиб ётарди.
— Заҳар ичганга ўхшайди.
— Бизга аталган заҳарними?..

Хмарин хонага отилиб кириб, жасад ёнига келди-да, тиз чўкди.

Кафти билан мурданинг кўзларини юмди.
— Жаноблар, илтимос, ҳоли қўйинглар.
— Николай Захарович...
— Илтимос, Виталий Сергеевич, халал берманг...

Улар чиқиб, Мирза Қандилхонга бўлган воқеани қисқа баён этдилар. Соварлар жасадларни пастга кўтариб тушдилар.
— Вениамин Самойлович кўринмайдими? — деди Шувалов бирдан сергак тортиб.

Улар тез-тез юриб, Ушинскийнинг хонасига бордилар.
— Вениамин Самойлович, уйғоқмисиз? — деди Шувалов эшикни тақиллатиб.
— Уйғоқман, азизим, уйғоқман. Фақат мени бу ишларга аралаштирманг, илтимос сиздан, мурдани кўрсам... қўрқаман... чидолмайман... — деди Ушинский ичкаридан. Шувалов эшикни итарган эди, очилмади.
— Ана, Пушкиннинг шайдосини кўриб қўй, — деди Шувалов зинадан пастга тушаётиб, — ишқий шеърият деб тоза бошларингни қотирдими?
— Ишонгим келмайди. Шеъриятга шунчалар меҳр қўйган аёл, шу нозик туйғулари билан...
— Оширвординг, Мираъламович, бу аёлда нозик туйғу бўлмаган ҳеч.
— Зикриё афанди, қаландарни ҳам...
— Ҳа, шунинг иштирокида бўлган ҳаммаси. Зикриё афанди хонимчага шаҳарга чиқиш, Мазори Шарифга хабар юбориш учун керак бўлган. Кейин Хмариндан ханжарни ўғирлаган. Иш битгач, изма-из келаётган одами қаландарни четлатган. Хонимчанинг бошқачароқ эканини Ҳиротдаёқ сезганман. Эсингдами, форсчани биладиган ўхшайди, девдим. Қаландар ўлдирилган кечаси мен тентак бир одамни кўрибману чодирга Ушинский кетяпти, деб ўйлабман. Кобул сайрига нима учун бормаганимни энди билгандирсан? Хонимча чиқолмади, одами келишга мажбур бўлди.
— Синелниковани Хмарин қўшган эди.
— Хмарин билмаган. Яхши кўрарди уни, сезмаганмисан? Хонимчада кўп сир бор эди. Анқовлик қилдик. Энди янги хатарга рўпара келишни кутамиз... Бошқа иложимиз йўқ. Хаустон шу ерда бўлса... демак, Хасанхон ҳазрат ҳам етиб келган. Балки амир билан учрашгандир, а? Балки амир музокарани шу ҳазрат билан бошлаб юборгандир? Ҳа, улар яқин йўлдан юриб, биздан олдинроқ етиб келишган. Ишларимиз чатоқ, оғайни...

Тонг қоронғисида мурдаларни араваларга ортиб, қаёққадир олиб кетишди.

Мирза Қандилхон кун ёйилганда қайтди.
— Ғуломкодирнинг жанозасида иштирок этувимизга рухсат олиб беринг. Жилла бўлмаса мен борай, — деди Асадулла унга.
— Соҳиб, биз кенгашиб, жасадни Чораймоққа жўнатдик. Сизнинг борувингиз мутлақ мумкин эмас. Эрта тонгда ҳазрат амир соҳиб йўқлаганлар.
— Эрта тонгда? Ийди қурбон тонгида? Биргина меними?
— Ҳа, биргина сиз борасиз...

«Бу қандай муаммо бўлди?» деб ўйлади Асадулла.

Тонг отишига ҳали анча вақт бор бўлса-да, Кобул аҳли уйғониб, намоз тадоригини бошлаб юборган эди. Кўчалар жонланган: «Ийди қурбон келди, қурбонлик қилинг, ўғлини қурбонлиқ қилган ул Ҳалилуллоҳ ҳаққи», деб жар солаётган қаландарлар шаҳар тинчини бузишган эди.

Асадуллани Идгоҳ масжидига бошлаб келдилар. Аъёнлар ҳали ичкари киришмаган, афтидан, ҳамма амирнинг ташрифини кутар эди. Асадуллани Маҳмуд Тарзи кутиб олиб олдинга бошлади. Масжид эшиги яқинида, тарашадай озғин Хасанхон ҳазрат билан... Миркомилбойни кўрди-ю, беихтиёр таққа тўхтади. Улар ҳам Асадуллани танишди. Танишди-ю, кўп парво қилишмади. Асадулла Тарзига савол назари билан қаради. У: «Ҳаммасидан бохабарман», дегандай бош ирғаб қўя қолди.

Сўфи азон чақирмай туриб, амир келди. Жуссасига нисбатан оёқлари калтароқ, харакатчан ёш йигит тез-тез юриб келиб, эшикка етмай, тўхтади. Аввал Хасанхон ҳазрат билан Миркомилбойнинг, сўнг Асадулланинг саломига алик олди-да, бошқа сўз айтмай, ичкари кириб кетди.
— Туркистонликларнинг ёнидаги ким? — деб сўради Асадулла масжидга кираётиб.
— Ул зот, Афғонистон ҳазратларидан — Қодир оға ҳазрат дейдилар.

Асадулла бу гапни эшитиб, муаммонинг чигалини ечгандай бўлди.

Намоздан сўнг Маҳмудбек Тарзи Асадуллани автомобилгача кузатиб қўйди...

Хмарин нонуштадан кейин туриб кетмоқчи эди, Асадулла уни тўхтатди.
— Кенгашиб олишимиз керак, — деди.

Шийпонда ёлғиз қолишгач, бўлган гапни баён қилди.
— Демак, гумоним тўғри чиқибди, — деди Шувалов ўйчанлик билан. — Демак, ҳазрат Кобулда... Миркомилбойнинг пайдо бўлиши қизиқ. Маккага боради, деб эшитган эдим. Ё йўл-йўлакай келганмикин?
— Маккага Кобул орқали борилмайди, Виталий Сергеевич, — деди Хмарин.
— Миркомилбойнинг ўғиллари ҳам Кобулда экан, намозда бирга бўлишди, — деди Асадулла. — Уларнинг Лондондан бу ерга келиши, оталари билан учрашиши тасодифмикин?

Шувалов ўйланиб қолди. Уларни таъқиб этиб келган муаммолар тумани бу ерда қуюқлашди. Амударёда, Карки йўлида пистирмага дуч келганларида рўпарадаги хатарни аниқ кўриб турган эдилар. Энди қандай офатга, қачон дуч келишларини билмайди. Унга бир нарса аниқ: душманнинг режаси пухта ўйланган. Ҳар бир имконият назарда тутилган. Ҳатто Миркомилбойнинг ўғиллари бир мақсад билан бу ерга келтирилган. Шуваловга ҳам, вакола ҳайъатининг бошқа аъзоларига ҳам шу мақсад қоронғи. Улар ҳозирча шу муаммо устида бош қотирадилар. Фарғонадан ҳам бир гуруҳ вакил келиб, ҳазрат ва Миркомилбой қанотида бирлашгани уларга ҳали номаълум.

Шувалов ўйлай-ўйлай, охири Асадуллага қаради:
— Амирнинг ниятига тушунмадим. Уларни нима учун сенга рўпара қилди?
— Шунчаки бир-бирига кўриштириш, деб ўйлайсизми? — деди Хмарин бош чайқаб. — Йўқ, бу ерда бошқа гап бор. Улар Қодир оға ҳазрат билана бирга бўлса... бир шумликни ўйлашган. Сиз... намоз ўқидингизми?
— Ҳа, бўлак иложим йўқ эди.
— Сиз? Ҳали намоз ўқидингизми? — деди Ушинский ҳайратланиб. — Ўша ҳазратлар билан-а?
— Вениамин Самойлович, ўзингизни босинг. Намоз ўқиб тўғри қилганлар. Амирга шу керак бўлган. Буни нимага тушунмайсиз? Амирга Туркистонни кофир босиб кетди, деган ваҳимали гаплар етмаган дейсизми?
— Амир улар билан музокара бошладимикин? — деди Асадулла.
— Бундан ажабланмаслик керак. Ҳали болшевиклар Туркистонга узил-кесил ҳукмронлик қилиша олганича йўқ-ку? — деди Хмарин. — Фарғонада ислом лашкарлари, Оренбургда Дутов, Қизилқумда Ашхобод ҳукумати...
— Николай Захарович, сиз ҳали... болшевикларга ишонмайсизми?
— Вениамин Самойлович, менинг ишониш-ишонмаслигим ҳозир ҳеч нимани ҳал қилмайди, шундай эмасми? Мен мавжуд аҳволни эслатяпман. Бу вазият амирга ҳам маълум. Демак, ҳар икки томон билан ҳам гаплашаверади. Бухоро амири элчи юборган бўлса у билан ҳам музокара юритаверади. Сиз унга биз билан гаплаш, у билан гаплашма, деёлмайсиз.
— Йўқ, азизим, дейишимиз керак, — дея Ушинский қўлини пахса қилди. — Биз Россиянинг, жумладан, Туркистон ҳукуматининг ҳақли вакилларимиз. На ҳукуматдан, на халқдан ваколаси бўлган қандайдир уламолар билан музокара юритишига норозилик билдиришимиз шарт.
— Мен Вениамин Самойловични қўллайман, — деди Шувалов. — Дуч келган уламо билан музокара юритаверса, амирнинг лафзи қоладими? Хасанхон ҳазрат билан Хаустон халққа қарши жиноят қилишда айбланади. Буни амирга маълум қилиб қўйиш керак.
— Ҳабибуллохон Фарғона босмачиларига ёрдам ваъда қилиб, элчи жўнатган экан. Балки бу амирнинг нияти ҳам шундайдир. Биз билан бир гапни гаплашиб, уламоларга бошқа ваъда берар? — деди Асадулла.
— Дипломатия ўйинида ҳар нарса бўлиши мумкин, — деди Хмарин. — Норозилик билдириш керак, десанглар, майли, бу ишни Асадулла Мираъламовичга топширайлик, Туркистон жумҳуриятининг расмий элчиси сифатида жаноб Тарзига учрашсинлар. Расмий норозилик хатини биргаликда ёзамиз.
— Хасанхон ҳазрат билан Хаустонни жиноятчи сифатида бизнинг ҳукуматга топширишларини ҳам талаб қилишимиз керак.

Асадулла Мирза Қандилхонни чақирди-да, зудлик билан хорижия нозирига учрашиши зарурлигини айтиб, «бу оқшом сардор соҳиб ўзлари ташриф буюражаклар», дегана жавобни эшитди.

... Тарзи норозилик хатини ўқиди-ю, дарров жавоб бермади.
— Туркистонликлар сизлардан анча аввал етиб келган Кобулга, — деди у бир озлик сукутдан сўнг. — Шу фурсатга қадар ҳазрат амир соҳиб сизларни кутмоқда эдилар. Сизлар билан музокара юритмоқдан ўзга ниятлари йўқ. Бунга мен кафил. Ийд муносабати билан Туркистон уламо ваколаси меҳмон қаторинда иззат қилинурди ва сиз бунга ажабланмаслигингиз лозимдир.
— Хасанхон ҳазрат билан Хаустон Туркистонда халқнинг бегуноҳ қони тўкилишига сабаб бўлишган. Уларни тутиб бизга топширмоғингиз керак, — деди Шувалов, Асадулла уни таржима қилди.
— Бу мумкин эмас, — деди Тарзи. — Биз меҳмонларга озор еткурмаймиз. Одатимиз шундай.
— Одатингиз қизиқ экан. Улар бизни ўлдирмоқчи бўлишди, эшитгандирсиз? Улар бу фикрдан қайтган деб ўйлайсизми?
— Бу фожеадан дарак топдим. Бу бизнинг-да айбимиз. Сизларни иҳота этажак соварлар икки ҳисса оширилди. Ҳаловатингиз бузилмайди сира. Дарвоқе... Хаустон деганингиз ким? Инглисми?
— Ҳа. Англиянинг Тошкентдаги айғоқчиси. Кўп ғаламисликларни бошқарган. Фош бўлишини билиб, бу томонга келган. Унинг Кобулдалиги аниқ.
— Буниси мен учун қоронғи эди.
— Хаустон форсий лисонида-да, туркийда-да бирдай яхши сўзлайди. Шакл-шамойили, исм-шарифини ҳам ўзгартириб олгандир, — деди Асадулла.
— Уни Қодир оға ҳазрат, Хасанхон ҳазрат, Миркомилбойларни кузатиб юриб, топиш мумкин, — деб қўшимча қилди Шувалов.
— Буни аниқлаймиз, — деди Тарзи, — инглис бизнинг меҳмон эмас, унга шафқат йўқ.

Тарзининг босиқлик ва ишонч билан айтган бу сўзлари вакола ҳайъатидаги гумонни, норозиликни бир оз юмшатди.

Тарзи мийиғида кулди.
— Бугун ийди қурбон. Нима, Туркистон мусулмонлари ийди қурбон намозини канда қиладиларми?..
— Бизга бу чорлов синов бўлиб кўринди, — деди Асадулла.
— Сиз намозга чорланиб, амирнинг лутфига эришдингиз.
— Амир бизни қачон қабул қилади? — деб сўради Ушинский.
— Ҳазрат амир соҳиб аввало сафир соҳиб ила дийдор кўришадилар.
— Биз-чи?
— Вениамин Самойлович, ғазабланманг, дипломатия қоидаси бу. Ишни элчи юритади.
— Бўлмаган гап. Биз янги ҳокимият вакилимиз. Ишни якка одам эмас, кўпчилик ҳал қилади. Айтиб қўйинг.
— Керак эмас, Вениамин Самойлович...
— Йўқ, таржима қилинг.
— Жаноблари бир нимадан норозимилар? — деди Тарзи, Ушинскийнинг аччиқланаётганини сезиб.
— Нозир соҳиб, биз Шўролар ҳукуматининг вакилларимиз, — деди Асадулла босиқлик билан, — ҳар бир иш кўпнинг кенгаши билан амалга ошади. Амир соҳиб бизни якка-якка эмас, биргаликда чорласалар, деган илинжимиз бор.
— Ажаб... — Тарзи калта соқолини силаб ўйланди. Амирнинг: «Элчилар орасида парокандалик бор эмиш», деган гапини эслади. — Бир-бировларингизга ишонмайсизларми? — деди афсусланган оҳангда.
— Бу хулосангиз чакки, нозир соҳиб, инонмаганимиз учун эмас, ишни пишиқ-пухта юритмоқ мақсадида кўплашиб кенгашамиз.
— Маъқул... — Асадулланинг изоҳидан Тарзи қониқмади. Кўнглининг бир четида афсус уйғонди. — Мен истакларингизни ҳазрат амир соҳибга билдираман.

Тарзининг руҳи шикастланиб, боғда узоқ қолмади. Асадулланинг кўкрагига бехос қаттиқ оғриқ туриб, ҳаловатини йўқотди. Тарзининг барвақт кетиши унга айни муддао бўлди.

Шувалов эрталаб Мирза Қандилхонни унинг хонасига бошлаб келди. Оғриқ босилган бўлса ҳам Асадулла ўзини беҳол сезиб ётарди. Мирза Қандилхон автомобилда шифохонага элтажагини айтгач, ўрнидан турди.

Автомобил Европа тарзида қурилган бир қаватли иморат олдида тўхтатиш билан ичкаридан қотма, бошига ҳожи дўппи қўндирилган бир киши чиқиб, илтифот қилди.
— Шифохона мудири Мизбек соҳиб, — деди Мирза Қандилхон, уни таништириб, — усмонли турклардан бўлсалар-да, афғон эли учун аъло хизмат қиладилар. Ташҳис ва ташриҳ1 илминда буюк маҳоратлари бор.
— Афандим пича улуғлаб юбордилар, даркор эмас бу менга, қани, марҳамат қилсинлар, — деди Мизбек форсий талаффузини бузиб гапириб.

Мудир уларни кенг бир хонага бошлаб кириб, ўзи қаёққадир чиқди.
— Йилда юз ташриҳга қўл уриб, юздан беш беморгина омонатини топширар экан. Дейдиларки, бир неча йил бурун, Мизбек соҳибнинг ўзлари Фарангистонга бориб, кўп йилларга етадиган даволар, шифохонанинг мукаммал ашёларини келтирган эмишлар.

Мудир кириб, Мирза Қандилхоннинг гапи чала қолди. Мизбек Асадуллани обдан текширгач, бош чайқаб қўйди.
— Жонингизда қасдингиз йўқми, афандим? — деди у Асадулланинг томир уришини яна бир карра эшитиб туриб. — Сиз нонни тепкиламайсиз, увол, гуноҳ дейсиз. Бироқ сиҳатингизни тепкилайсиз. Бу гуноҳ эмасми? Гуноҳ, афандим, гуноҳ. Кўп уқубатлар бошингизга тушган кўринади. Сиз шифога муҳтожсиз.
— Шу илинжда келдим ҳузурингизга.
— Афандимга даволар қилиб бераман, — деди Мизбек Мирза Қандилхонга қараб. — Қайга қўнганлар, мен вақт-бевақт кириб турай.
— Сиз уринманг, соҳиб, айтган кунингиз ўзимиз келамиз, — деди Мирза Қандилхон.

Мизбек уларни яна холи қолдириб чиқди. Анча ҳаяллади. Бир вақт қўлида аллақанча дорилар билан кириб келди.

Боққа қайтганларида вакола ҳайъати шийпонда гурунглашиб ўтирган эди.
— Асадулла Мираъламович, яна намозга олиб боришдими? — деди Ушинский.

Асадулла жавоб беришга улгурмай, Хмарин норози оҳангда деди:
— Аҳволини кўриб турибсиз-ку?
— Ҳазиллашдим. Тавба, ҳазиллашиб ҳам бўлмайди-я...

Мирза Қандилхон шаҳарга қайтиб, пешинда хушхабар билан келди: амир уларни ҳузурига чорлабди.

Бешинчи боб - қалдирғоч

1

Кобулдан ўн икки чақирим юқорида, тоғ орасидаги водийда барпо этилган Боғи Фағмон — амирнинг ёзлик қароргоҳи. Дарахтлар ларзон-ларзон соя ташлаб, гул-чечаклар чаман очилиб ётган боғдаги шийпонда Омонуллохон Қодир оға ҳазрат билан суҳбатлашиб ўтирарди. Маҳудбек Тарзи суҳбат устидан чиқиб, тўхтаб қолди. Амир қайнотасининг иккиланганини сезиб, «бизда сир йўқ, келаберинг», дегандай нигоҳи билан им қоқди. Тарзи ҳазрат билан омонлашиб, унинг ёнидаги бўш ўриндиқдан жой олди. Амир ҳазратга қараб, чала қолган гапини давом эттирди:
— Алқисса, ҳазратим, жаннатмакон бобом фармони ҳануз инобатга олинмайдур. Бу ҳолга аркони дин ҳам айблидур. Бу не фиғонким, юрт лутфига молик ақробалар-да ҳанузга қадарли қуллар ва чўрилар сақлашса? Ақоид йўл қўймагани, жаннатмакон бобом Абдураҳмонхон фармон ила ман этгани ҳолда ҳам шариат ҳукмига, ҳам амир фармонига бош эгмасликни не деб изоҳлаш керак? Юртда қуллар, чўрилар мавжуд экан. Афғонистоннинг озодлиги қайга борди? Биз амру фармон қилдик: қуллар бетўхтов озод қилинмоғи шарт. Агар ҳожа чўри ила бириккан бўлса, ундан бола туғилган бўлса, бетўхтов никоҳланиши, сўнг аёл хоҳиш билдирса, рўзғордаги улушини айириб, истаган ерига элтиб қўйилиши лозим. Умид шулким, бизим бу фармони олийимиз аркони дин томонидан қувватланғай.
— Оллоҳнинг ўзи мадад бериб, қўллаб-қувватлағай сизни, — Қодир оға ҳазрат шундай деб, тасбеҳ доналарини терганича ўйга ботди.

Амир ҳам, Тарзи ҳам унинг бир дарди борлигини сезиб, сўз бошлашини индамай кутишди. Ҳазратнинг айтадигани тайин, лекин у ниятини Тарзи ҳузурида билдиргиси келмаётган эди. Шунинг баробарида айтмай чиқиб кета олмас ҳам эди. Тарзи бўлмаганида мақсадини лўнда қилиб айтиб қўя қоларди. Начора, гапни айлантириб, бураб, мақсадни изҳор қилиши зарур. Ҳазрат шунинг учун ўйланиб қолган эди. Бир қарорга келиб, айтадиганларини фикр тарозисидан ўтказиб, кўзини тасбеҳ доналаридан олди-да, амирга қаради: — Мусулмон халқларининг буюк оиласи, надоматким, ўз ташвишига ўзи банди бўлиб қолди. Турклар турк эли, араблар араб эли, ҳиндлар ҳинд эли, эронилар эрони эли, бухороликлар бухоро эли юмушлари билан банд. Ислом тараққийси хусусинда ким қайғу чекади? Ҳеч ким... Астағфируллоҳ... гуноҳларимизни ўзинг кечиргайсан. Оллоҳга ҳазор-ҳазор шукрким, гуноҳкор бандаларига яна раҳм этиб, исломни шармандалик чоҳида қутқариш учун қудрат юборди ерга. Бу қудрат сизсиз, ҳазрат амир соҳиб. Бухорои Шарифга кофурлар таҳдид соладими. Ҳиндистон мусулмонларнинг жиҳоди акбари аланга оладими, Маккаи Мадинага кофурлар қадами етадими йўқми, бу муаммоларнинг бари сизнинг зиммангизга юкланган. Мусулмон оламининг тақдири сизнинг қўлингизда. Буни билиб, ҳузурингизга бош уриб келган мусулмон ваколаларининг дарду ҳасратини тинглаб, чора-тадбир кўрмоғингиз фарздур. Туркистондан келмиш вакола дийдорингизга етишмоқ илинжида.
— Кимлар улар?
— Мен... уларни аввал сизга айтиб эдим...
— Хорижия нозири ҳам билсин, айтинг.
— Вакола сарвари Туркистоннинг эътиборли амлокдорларидан Миркомилбой ҳожи. Унинг қанотида Тошкентнинг эътиборли уламоларидан Хасанхон ҳазрат, Фарғона уламолари, шунинг қаторида Қўқон хони Худоёрхон авлодларидан Акромхон тўра...
— Хаустон деганлари-чи?

Тарзининг кутилмаган саволи ҳазратни гангитиб қўйди. Ҳазрат ичидан зил кетган бўлса-да, саросимасини сиртига чиқармади.
— Ким у, инглисми? — деб сўради Омонуллохон Тарзидан.
— Ҳа, инглис, — деди Тарзи ва ҳазратга тикилиб қаради.
— Астағфируллоҳ, бу қандай иғво бўлди?! Мусулмонлар орасида инглис мавжудлиги?..

Амирнинг саволига жавоб топмай туриб, Тарзининг саволига дуч келди:
— Ҳазратим, маъзур тутинг, менга Ҳиротдан нома етиб келди. Афғонистондан қаландарлар сарҳад ҳатлаб, ножоиз сўзлар айтиб юришибди экан. Яъниким, дарёнинг ул бети Афғонистонга тобедур, деган гаплар ҳамҳудуд давлатлар орасида иғво уйғотмоғи мумкин. Бу воқеадан дарак топганмисиз?
— Астағфируллоҳ... Бу қандайин бедодлик! Қаландар аҳли Оллоҳнинг суйган бандалари, юртга омонлик тилаб, тоат-ибодат қилишдан бўлак юмушлари йўқ. Маълумингиз бўлсинким, ўрус ваколаси Ҳирот йўлида бир бегуноҳ қаландар жонига қасд қилган.
— Шу ростми? — деди Омонуллохон Тарзига ялт этиб қараб.
— Рост, амир соҳиб. Аммо қотил ғойиб бўлган. Бул қаландар Кўшкда ҳибс қилинуб, ҳузурингизга келтирилаётган экан. Ноиб Ҳиротда сўроқ қилганида қаландар ҳазратнинг номларини тилга олибди, қаландарлар ҳазратнинг йўриғи ила иш юритишаётган экан.
— Ҳазрат! — амир шундай деб ўрнидан туриб кетди. — Ким ваколат берди сизга?
— Амир соҳиб, бадхоҳлик бу, таҳайюр1дан жоним бўғзимга келди. Водариғ, водариғ... наҳот шундай таҳаввур2га мен саъй этсам? Валлоҳи аълам, падарингиз мен ила бу хилда муомалада бўлмас эдилар?
— Ҳа! — Амир қўлини орқасига қилиб, шийпон бўйлаб юрди. — Воқеан шундай. Нохалаф ўғил бўлишдан Оллоҳнинг ўзи асрасин. Сардор, — у қайнотасига мурожаат қилди, — бу сўзларни зинҳор тилдан учира кўрмангиз. Осмонтазин ҳазрат шаънига мутлақ муносиб эмас, ҳа! Омонуллохон ҳазрат рўпарасида тўхтади: — Мусулмон ваколага маълум қилинг: суҳбатимдан эртага баҳраманд бўлгулари.

Қодир оға ҳазрат ўрнидан туриб, енгил таъзим қилди. Бу ерда қиладиган ўзга юмуши йўқлигини билиб, амирга омонлик тилади-да, шийпондан тушди.
— Сўзларингиз ҳақиқатми? — деди амир, ҳазрат узоқлашгач.
— Муҳаммад Сарвархон дарак қилди.
— У ҳолда ноханжор1 сўз айтибсиз. Шарафли хадисга кўра, бир тоғнинг ўрнидан кўчуб кетганини эшитсангиз инонингиз, аммо ҳазратнинг хулқи бўлак бўлди, деб эшитсангиз инонмангиз. Илон думини босиш хайрли эмас. Ҳазратнинг фатвоси инглиснинг замбарагидан аълороқ.

Тарзи мийиғида кулимсиради:
— Инглистондан чўчимаган амир бир жоҳилдан қўрқса?
— Ҳа, қўрқаман! — амир шундай деб, қайнотасига қовоқ уйиб қаради. — Сиз, доно одам, авомни ўша жоҳил изидан менга қайтариб беринг-чи? Индамайсиз? Инглистонга тиғ кўтарганда авомнинг изимдан боришига амин эдим. Ҳазратга қарши юрсам, авом мени тиғ билан кутиб олади, фаҳмингиз етмайдими шунга?
— Фаҳмим етади, амир соҳиб, сиз ҳазратга қарши бормайсиз, лекин қўрқишингизни сездириб қўйганингиз чакки.
— Сездими? Йўқ, сезмади. Сиз илоннинг думини босдингиз. Мен эсам афсун қилиб ўйнатаман бу илонни. Ҳақгўйлигингиз билан менга халал берманг.
— Ҳали-замон Шурави Руси ваколаси ҳузурингизга етиб келади.
— Нур алан-нур. Музокара вақти етди.

Асадулла ўрнидан туриб юрадиган аҳволда эмасди. Кўкракдаги оғриқ туни билан азоб бериб чиқди. Кўзлари қизариб, қовоқлари салқиб қолди. Қадам ташласа қаттиқ ерда эмас, юзларини пўпанак босиб қалқиб турган кўлмакдан юраётгандай бўлади.
— Бу аҳволда бормаганим маъқулмикин, — деди у Хмаринга.
— Сиз ваколадаги ягона мусулмонсиз. Амирнинг кўнглига бошқа гап келади. Тишни тишга қўйиб, оғриқларга чидаб, бориб келмасангиз бўлмайди.

Асадулла автомобилда бораётганда ҳам, боғи Фағмонда ундан тушиб юрганда ҳам, Тарзи билан кўришганда ҳам «ишқилиб, ҳушимни йўқотмасам эди», деб ҳавотирланди. Бу равзамонанд боғнинг ҳавоси, манзараси Тошкент биқинидаги Чимённи эслатганиданми, сал енгил тортгандай бўлди.

Ҳарбий либосдаги амир уларни бир тарафи ойнабандлик қасрда қарши олди. Омонуллохонга дастлаб Хмарин рўпара бўлди. У Туркистон Ташқи ишлар халқ нозири имзолаган ёрлиқни енгил таъзим билан узатди. Омонуллохон уни олиб, Тарзига берди.
— Эътимоднома1, — деди Тарзи уни очиб ўқиб. — «Ҳамҳудуд, дўст ва озод Афғонистон ҳукуматига биродарлик самимий саломлари йўллаш баробаринда ушбуни маълум этамизки, Россия Ижтимоий Шўролар жумҳурияти тахтдан ағдарилган подшо ҳукуматининг барча шартномаларини, жумладан, олам йиртқичи Инглистон қироли ва ҳукумати ила имзоланган, Истамбулни маҳв этиш, турк, эрон, шунингдек, афғон ерларини муносафа2 этмоқ хусусиндаги келишувларни мутлақ бекор қилди. Россия жумҳурияти бир-бировини ўзаро ҳурматлаш асосинда Туркия ила шартнома тузди. Ҳамда ўзга халқлар ерларига қўшин тортиш сиёсатидан юз ўгириш, ҳамҳудуд давлатлар мустақиллигини тан олиш ҳамда улар билан биродарлик, самимий ҳам ҳудудлик ва тижорат алоқалари бино қилиш хусусинда қарор қабул этди.

Мазкур қарорни амалга ошириш мақсадида Россия ҳукумати жаноб Хмаринни Афғонистонга вакил қилиб жўнатади. Жаноб Хмарин сафорат ишларида хўп тажриба орттирган, Эронда бирмунча вақт сафоратхона юмушлари ила банд бўлган, шарқни дуруст билувчи, ўзини шарқ халқларининг дўсти деб ҳисобловчи, мусулмон халқларининг мустақиллигини табрик этувчи холис ниятли зотдир...»

Тарзи қоғозни ўқиб бўлиб, амирга қаради.
— Мен Шўро жумҳурияти ҳукумати номидан Афғонистон мустақиллигининг тан олинганини расмий маълум этишга вакил қилинганман. Россия Афғонистон мустақиллиги ва озодлигин табрик этади.
— Нур алан-нур! — деди амир элчига ва хорижия нозирига маънодор қараб қўйиб, деди: — Ҳукуматингизнинг мунир ниятлари, иншооллоҳ, ижобат бўлғай, Фикри ожизимча, ҳамҳудуд Эронга ҳам лутфлар кўргазилган, шундайми?
— Шундай, ҳазрат амир, Эроннинг инон-ихтиёри ўзига қайтарилган.
— Бизга Эрондан етиб келган дараклар кўнгулни хушламайди. Ўрус аскарлари ёвгарчилик бошлаб, барқи ибтилони чорлаб, Теҳрон ила Табриз фуқаросини тиғдан ўтказган эмишлар?
— Амир ҳазрат, бу воқеага ўзим шоҳид бўлиб эдим, — деди Хмарин. — Шўриш янги ҳукумат томонидан эмас, подшоҳнинг қочоқ аскарлари томонидан кўтарилган. Уларга Турк ҳамда Англия ҳукумати кўмак бергани аниқ. Шунга қарамай, Россиянинг янги ҳукумати Эрон фуқаросига еткурилган зарарни қопламоқ учун хайрли ишлар қилди.
— Маъқул, — амир шундай деб Асадулла томон бир қадам қўйди. — Туркистон мусулмонларининг аҳволлари нечук? Уларга-да озодлик инъом этилурдими?
— Ҳа, амир соҳиб, — деди Асадулла, калта-калта нафас олиб, — озодлик, ҳурликка эришганмиз. Тақдиримизни белгилаш ҳуқуқи берилиб эди. Биз рус халқи ила бирга қолишни маъқул кўрдик.
— Сабаб?
— Рус халқи ва бизим халқ тақдир ипи ила боғланган. Руслар ростбасар халқ.
— Афғонларга тақдир ипи ила боғланмоқ мумкин эмасми эди?

Амирнинг бу саволи Асадуллани гангитиб қўйди. Бу гангиш жавоб топиш мушкуллигидан эмас, аксинча, ҳақ жавобнинг амирга номақбул келиши аниқлигидан эди. Қолаверса, хасталик заҳми уни гапни муҳтасар этишга ундарди. Лекин савол берилган, ундан бўйин товлаш нохуш фикрларга сабаб бўлуви мумкин эди. Шунинг учун Асадулла гапнинг пўсткалласини айта қолди:
— Дунёдаги инсонлар дўстликнинг меҳр ва муҳаббати соясида яшарлар. Афғонлар ила дўстлигимиз замонларнинг тубсиз қаъридан оқиб келиб, бизни қовуштиради. Рафиқи жовидоний, рафиқи маваддатлиқ1 бизнинг ёзуғимиз. Аммо алҳол боражак йўлимиз айри. Бизда аркони мулк барҳам топиб, авомнинг инон-ихтиёри ўзига берилган.
— Аркони мулк барҳам топмаган, — деди амир унинг сўзини бўлиб.

Асадулла гаплари амирга малол келганини фаҳмлаб:
— Шу боис юрт нотинч, — деб изоҳ берди.
— Ота-она фарзандга, фарзанд ота-онага муҳтож бўлгандек, бой фақирга, фақир бойга муҳтождир. Ҳа!

Асадулла ўжарлиги билиниб турган бу ёш амир билан баҳслашишнинг бефойда эканини билиб, эътироз билдирмади. Бахтига Омонуллохон ундан жавоб кутмай, Шуваловга юзланди.
— Ҳарбий маслаҳатчимиз, — деди Хмарин уни таништириб.
— Афғон лашкарларининг яроғини кўрдингизми? Маъқулми? — деб сўради амир Шуваловдан. Хмарин таржима қилди.
— Яроғлари мукаммал, аксар инглисники экан. Бироқ... кийимлари бир оз қўполроқми... чаққон ҳаракат қилиш қийин.
— Маъқул. Бухороники-чи? Бизникидан афзалми?
— Йўқ. Ночорроқ.
— Сизники-чи?

Шувалов кулимсиради.
— Биз жанг қиляпмиз, жаноб амир, бу хусусда сўраманг.
— Дуруст, — амир шундай деб Ушинскийга юзланди.
— Сиёсий маслаҳатчимиз, — деди Хмарин.
— Сиз Ўрусия подшоҳи аъламдан тахтни тортиб олдингиз. Подшоҳдан юз ўгирган ҳукумат амир билан дўст бўла олувига имонингиз комилми?

Асадулла «қовун туширмасмикин» деган хавотирда Ушинскийга қаради. Ушинский гапни айлантириб ўтирмади, лўндасини айтиб қўя қолди:
— Сиз халқингизни ўз йўлингиз билан саодатга олиб бормоқчисиз. Биз ўз йўлимиз билан. Қайси йўлдан бориш ҳар биримизнинг ички ишимиз. Бунга аралашмаймиз. Император халқни саодатга эмас, жарга бошлаган эди. Шу сабабли ҳокимиятни олдик, вассалом.
— Маъқул, — амир шундай деб уларни ўтиришга таклиф этди. Ана шунда Асадулла мувозанатини йўқотди. Хмарин суяб қолмаганида йиқилиб тушиши тайин эди.
— Тоблари йўқ. Ҳазрат амир суҳбатларидан бебаҳра қолмай деб келиб эдилар, — деди Хмарин изоҳ бериб.
— Сардор, — деди Омонуллохон Тарзига қараб, — зудлик билан шифохонага элтинг. Биз жаноблар билан биргаликда аҳволи оламдан сўз юритажакмиз. Сиз... — амир Асадуллага тикилди, — эрта билан ташриф буюрарсиз, алоҳида суҳбат қурурмиз.

2

Мизбекнинг давоси бу сафар пича амал қилиб, Асадулла кечга томон ўзини бир оз бардам сезди. Бу тун уйқуси ҳам хотиржам кечди. Тонгда тиниқиб турди.

Нонуштадан сўнг Асадулланинг амир ҳузурига ёлғиз бориши ёки бормаслиги муҳокама қилинди. Амирнинг бу учрашувдан кўзлаган мақсадини билолмай гангишди.
— Амирнинг хоҳишига бўйсунишга мажбурмиз, — деди Хмарин баҳсга якун ясаб. — Маҳмуд Тарзининг гапларини унутманг: — «Бир-бирингизга ишонмайсизми?» дегани ёдингиздами? Болшевик бўлмаганим учун менга унча ишонмайсизлар. Асадулла Мираъламович болшевик-ку. Дипломатия қонун-қоидаларига биноан суҳбат қура олишларига шахсан мен аминман.

Асадулла Хмариннинг бу илтифоти, бу ишончи учун миннатдорлик билдириши керак эди. Хмарин ундан сўз билан бўлмаса-да, кўз қарашига кўчган миннатдорлик учқунини кутди. Аммо Асадулла уни ажаблантириб, совуқроқ қарашини ўзгартирмади. Хмарин кейинги кунларга ичи Асадулланинг муносабатида совуқлик сеза бошлаган, буни Ғуломқодирнинг ёки Синелникованинг ўлимига доир руҳий изтироб натижасига йўйган эди. Кечки сайр чоғидаги Ушинский билан бўлган дилкаш суҳбатига Асадулланинг гувоҳ бўлгани эса хаёлига келмасди.

... Ғуломқодирнинг ўлимидан кейинги кунлар эди...

Уйқусизлик дарди темир тирноқларини ишга солган дамда, Асадулла хонасида ёта олмай, боққа чиқди. Юлдузли осмон остида ёлғиз сайр қиляпман, деб ўйлаган эди. Боғ йўлкаси бўйлаб бир оз юргач, пастлик томондан Хмариннинг, сўнг эса Ушинскийнинг овозини эшитиб, тўхтади. Дастлаб иккови аввалги ғалвасини давом эттиряптими, деб ўйлади. Унинг гап пойлаш одати йўқ эди. Изига қайтмоқчи бўлганда Ушинскийнинг: «Биламан, сиз болшевикларни ёмон кўрасиз», деган гапи уни тўхтатди.
— Ҳа. Буни яширишга ҳожат йўқ асли. Ким қайси партияни хушласа, ўшанга эргашади, — деди Хмарин. — Ҳар ҳолда Европанинг илғор мамлакатларида шундай. Мен барчани баравар эмас, асосан болшевикларнинг раҳбарини ёқлай олмайман.
— Болшевиклар сизга ишонч билдиришди, буни ҳисобга олмайсизми?
— Сиз менга очиқ гаплашишни таклиф этдингиз. Шу таклифингизга кўра мен фикримни яширмаяпман. Болшевикларнинг таклифига нима учун кўндим, айтайми?
— Ҳа, албатта, айтинг.
— Туркистонни бошқаришни руслар ўз қўлларида сақлаб қолганлари учун. Болшевикларнинг энг ақлли ишларидан бири шу, деб ўйлайман. Мен болшевик ҳам эсер ҳам, бошқа бало ҳам эмасман. Мен русман ва Россия манфаатини ҳамма нарсадан устун қўяман. Ота-боболаримнинг қони тўкилган бу ерлар Россияники ва бу ҳақда бошқача сўз бўлиши мумкин эмас. Битта аҳмоқнинг декрети билан бу ерларнинг қўлдан кетишига жимгина қараб тура олмайман. Сиз болшевиклар томонига яқинда ўтган экансиз. Нима мақсадда ўтгансиз, билмайман, бироқ, сизнинг бу партиянгиз хоинлиги учун келажак олдида жавоб беради.
— Хоинлик дедингизми? Тушунмадим, жаноблари?
— Россияни пароканда қилиш хоинлик эмасми? Финляндияни, Полшани, Украина ва Белоруссиянинг ғарбини қўлдан чиқариш, аниқроғи аҳмақона тарзда инъом этиш хоинликка кирмайдими? Энди шарққа ҳам озодлик берадими у нодон?
— Бу масалада шошқич хулоса чиқарманг. Шарқни бериб қўядиган аҳмоқ йўқ.
— Вақтида генерал Горчаков эси пастлик қилмаганида биз бу ерларга ҳозиргидай элчи сифатида эмас, хўжайин сифатида келар эдик. Англиянинг жиғини эзиб қўйишга Россиянинг кучи етарди. Ҳиротга яқинлашиб қолган эди. Яна бир зарба берилса, Афғонистонни эгаллаш, ҳатто Ҳиндистоннинг ғарбини босиб олиб, Ҳинд океанига чиқиш имкони туғиларди. Нималарни бой берганимизни тасаввур этиб кўринг! Бу нодонликларни авлодлар кечиришмайди. Агар бу нодонликлар давом этаверса, билмадим, нима бўларкин...
— Ҳар нарсанинг чеки бўлади, вақтики келиб, чегарамиз Ҳинд океанига қадар кенгаяди. Бизнинг бу сафаримиз ўша ютуқларга пойдевор бўлиб хизмат қилади. Давлат тузиб, давлат юритишга бу осиёликларнинг ақли етмайди. Улар қуллик учун яратилганлар, шундай бўлиб қолишлари керак.
— Айрим ҳолларда келишолмаслик ҳам, бу масалада ҳамфикр эканмиз, мен бундан мамнунман, — деди Хмарин.

Бу гапларни эшитиш Асадуллага азоб бўлса-да, янгилик ҳам эмасди. Ушинский ва унга ўхшаганлардан шу каби даъволарни аввал эшитган, аммо «тарих ғилдираги бир ҳовуч телбаларнинг фикри билан айланмайди», деб озодликка бўлган ишончини сўндирмаган эди.

Асадулла сал нари кетди-ю, хонасига кириб ётишга юраги бетламади. Йўғонлиги салкам икки қулоч келадиган чинор пойига тўша қўйилган гилам устига ўтирди. Ҳозирги ноҳуш суҳбат унга сафари арафасидаги Мунаввар қорининг сўзларини эслатди. Мунаввар қори — илгари Асадулла билан яқин биродар бўлган, сўнгроқ эса Туркистон тақдири хусусида фикрий айрилик туфайли сал узоқлашган дўсти Мирободдаги уйига хайрлашгани келган эди.
— Сизни сафардан айнитиш ниятим йўқ, — деган эди у. — Фақат илтимосим бор: русларнинг шарққа доир сиёсатини тўғри англаб, Афғон амирига тўғри талқин этиб беринг. Туркистонни мустақил эмас, мухторият ҳолига келтирган русларнинг мамлакатни ўзлари бошқараётганларини амир билиши керак. Комиссарлар нима учун Туркистон номидан ўзлари кабини эмас, ўзбекни юбораётганларини ўзингиз англанг-у, уларга ҳам англатинг. Биз уларга ишониб, чув тушиб ётибмиз, улар алданишмасин. Думага бўлган сайловларни унутманг. Руслар бизнинг эмас, «Уламо»нинг айланмоғидан манфаатдор бўлдиларми? Улар биздан қўрқишди. Чунки биз аҳволи оламдан бохабар эдик. Бизда сиёсат юрита олиш илми бор эди. Ўрус лисонида баҳслашиб уларга бас кела олар эдик. «Уламо»да эса бундайлар йўқлигини улар дуруст фаҳмладилар. Ўрусларга думада шундай оми одамлар керак эди. Токи ишларни ўзлари юритсинларда ва оқибат десинларки: «Қаранг, ерли миллат давлат юритмакни билмайдиган ақли қосирдирлар»... Сиз шуларни амирга англатишнинг эвини қила оласизми?

Ўша куни Асадулла бир оз эътироз билдирмоқни ихтиёр қилган бўлса-да, ўзини тийган эди. Хмарин билан Ушинскийнинг суҳбатидан кейин ўша гапларни эслаб, «Баҳслашмай тўғри қилган эканман», деб қўйди.

«Шу топга қадар Афғонистон амири билан бақамти суҳбат қуриш имкони туғилгани йўқ. Балки бугун эркин сўзлаша олар. Булар аслида шундан безовта. Мен-чи? Мен қоримнинг айтганларини бажара оламанми? «Ўрусия билан ошна бўлаверинг-у, бироқ, ёнингиздаги ойболтани қўйманг», дея оламанми?»

Асадулланинг бу хаёли чақмоқ умри мисол эди. Ортиқ ўйлашга фурсати йўқ. Шу боис иш вазиятга кўра бўлар, деган қарорга келди-да, йўлга чиқди.

Боғи Фағмонда уни Маҳмуд Тарзи кутиб олди.

  

— Амир соҳиб ҳузурига меҳмонлар ташриф буюришган, сабр қилмоққа мажбурсиз.
— Наилож, — Асадулла шундай деб жилмайди. — Барча эшикларнинг калити — сабр, дейдилар.
— Биз бўлакчароқ нақл қиламиз: тоқатлиға тоғлар эгар бошини... — Тарзи шундай деб уни баҳаво ерга қўндирилган, харротлар санъатидан чирой очган шийпонга бошлади.
— Сабр-тоқат яхши хислат, аммо одам боласи бунинг чегарасини билмайди. Зулмга ҳам тоқат қила беради, ноҳақликка ҳам... Оқибат абгор бўлганини сезмай қолади. Сабр-тоққат кураш дарбозаларини қулфлаб қўядиган калит.
— Гапларингиз бамаъни, Асадулла Мираълам, меҳмонлар баҳона сиз билан бафуржа суҳбат қуриш имкони туғилди.
— Дарвоқе... меҳмонлар... Туркистонликлар эмасми?
— Топдингиз, ўшалар.
— Амир улар билан музокара юритмайди, деб эдингиз?
— Музокара эмас бу, Қодир оға ҳазратнинг сўзи ерда қолмаслиги керак. Фақат сизлар билан чин музокара юритишимизга инонингу бошқасини суриштирманг. Амирнинг умидлари кўкрак сутидай тоза. У фуқарони саодати абадиятга элтмоқчи, авомни жоҳиллик уйқусидан уйғотмоқчи, ҳатто аёллар учун «мактаби мастурат» очмоқчи. Дорул Омон дейилмиш янги пойтахт бино қилмоқчи. Ўрусия билан дўст бўлиб, Оврупонинг бўлак давлатларига-да етмоқчи. Бу ниятларга етишмоқ учун уламоларга эмас, ҳукуматга суяниш лозимлигига унинг-да фаросати етади. Туркистон уламолари нимаю Афғонистон уламолари нима? Билмайсизми? Ғафлат улар, ғафлат... Юртга қоронғилик уруғини сочиб, зулмат мевасини кўпайтирадилар. О, авом илмга қанчалар ташна, булар илмга қанчалар ғаним! Каломулло «Илм олинг, ўқунг» дегани ҳолда, булар «кўзни юмунг» деб аврайдилар. Мен умримни маърифатга сарф этганимга ачинмайман, зинҳор, мен жоҳиллар кўзини очолмаётганимдан надомат чекаман.
— Бундайлар Туркистон элида ҳам бисёр.
— Маматшариф айтар эди. Ёзуғимиз бир бизнинг.
— Пайғамбар афандимиз: «Олим бўл ёки илм талаб қилувчи, ёхуд илмни эшитувчи бўл, ҳеч бири қўлингдан келмаса шуларга муҳаббат қилувчи бўл, бешинчисини танлама, у ҳолда сени ҳалокат кутади», деганлар. Бизда ана шу «бешинчи»лар меъёрдан ошган.
— Бешикдан то қабрга қадар илм ўрганмаган инсон боласи не учун туғилиб, не учун яшаганини фаҳмламай кетади бу дунёдан. Инсонлар ҳайвонлардан сўз ва ақл ила айрилмиш. Инсоннинг ёзуғи фақат туғилиш, ош ошалашу ўлим бўлса, ҳайвонлардан айирмас эди.
— Маърифат аҳли Туркистон ёшларини илмга тортмоқ мақсадида кўп хайрли ишлар қилди. Дорилфунун очди. Янги усул мактаблар кўпайди. Миллатнинг саодати, давлатнинг тинчи ва роҳати ёшларнинг яхши тарбиясига боғлиқ. Афғонистонда ҳам шундай мактабларни кўпайтириш лозиммикин?
— Ҳа, фикримиз шу. Ёшларни Фарангистонга юбормоқни лозим кўрдук. Вақтики келиб сизнинг-да дорилфунунингизга юбормоғимиз мумкин.
— Оврупога юборажагингиз кўп ибратли иш. Бу кунда улардан ўрганмоқ жоиз. Маданий миллатлар муҳорибалардан ўзни тийиб, тижорат ва саноатда рақобат қилмоқдалар. Сеҳр ва жоду билан эмас, тижорат ва саноатгарлик ила чолишқон Оврупо Африқо ва Осиёни ўзига асир ва мусаххар1 қилмоқда. Улар бир дона буғдой экуб, йигирма қадоқ дон олурлар, ўзимиздан олган беш тийинлик пахтамизни кетуриб, ўзимизга йигирма беш тийинга сотурлар. Осиёликлар думба сотиб — чандир чайнаб, қаймоқ беруб — сут ошаб, нон ўрнига кесак тишлаб юрдилар, бағоят узоқ юрдилар. Энди булар барҳам топқуси...

Маҳмудбек Тарзи Асадулланинг фикрини маъқуллаб, уни саволга тутиб, ҳаёти билан қизиқа бошлади. Асадулла қисқа-қисқа жавоблар билан кифояланиб, Бокуга боргани, Маматшариф билан илк дафъа ўша ерда учрашгани, қайтиб Тошкентда театр ташкил қилганини айтганда, Тарзи ҳаяжонга тушди:
— Театру дедингизми? Фарангистонда кўриб орзу қилиб эдим, — деди у. — Наҳот Тошкандда бўлса шундай ажойибот?
— Ҳа, бор.
— Ажаб! Ажаб! Умидим юлдузи Туркистон осмонида чарақлаган экан, муборак бўлғай. Кобулда ҳам шундай театру очгумиздур албатта.

Уларнинг суҳбати пешинга қадар, ҳожиб келиб, амир мунтазир эканини айтгунча чўзилди.

Амир уларни кечаги жойда эмас, унга бақамти қурилган, каттароқ қасрда кутар эди. Кенг хонага дастурхон тузалган, тўрда амир, сўл томонида Қодир оға ҳазрат ва унинг қаторида туркистонлик меҳмонлар ўтирар, ўнг томон эса бўш эди. Тарзи билан Асадулла шу ёққа ўтиришди.
— Таом маҳтал бўлмасин, — деди амир.

Асадулла Миркомилбойнинг рўпарасида ўтирар, вақти-вақти билан беихтиёр кўз-кўзга тушар эди. Асадулла бошқаларни танимади, аммо кийинишларидан фарғоналик эканликлари маълум эди. Хаустон улар орасида йўқ эди. «Айёрликда шайтонга дарс берса керак», деб қўйди у ўзича. Асадулланинг қўли товоққа беихтиёр бориб келарди. Таомга ҳеч иштаҳаси йўқ, хаёли шу хонада бўлиб ўтган суҳбатда: «Нимани гаплашдилар, амирдан нимани сўрадилар, амир нималарни ваъда қилди?»

Миркомилбой ҳам таомга бефарқ, унинг хаёли Асадуллада эди: «Жони темирдан экан бунинг. Шунча ўтдан тирик чиқибди-я! Энди амир ҳузурида, амирнинг ўнг томонида ош ошаласа. Амирнинг шу иши чакки бўлди. Уларнинг мени кўрмаганлари маъқул эди. Энди Тошкентга қайтувим мушкуллашади. Унда уларни чалғитиб йўлга чиққаним нима бўлди-ю, бунда булар билан учрашганим нима бўлди?..»

Амир таомни шошилиб егани билан дам ўнг, дам сўл томонига қараб-қараб-қараб қўярди. Уларнинг ичида ўтаётган гапларни аниқ билмаса ҳам фараз қиларди. «Қайси миллат орасинда бирлик кўтарилиб, нифоқ ва адоват ҳукм сурган бўлса, ул қавмнинг инқироз дунёсига юзлангани аниқдир. Булар шуни фаҳмламайдиларми?»

Маҳмудбек Тарзи ҳам меҳмонларга қараб, ўзича фикр қиларди: «Дилдаги адоват темирдаги зангга ўхшайди. Занг темирни егани каби, адоват Ватанни азобга солади. Одамлар наҳот адоватдан чекина олмасалар?..»

Омонуллохон билан Маҳмуд Тарзи бу дамдаги аҳволни ўз қаричлари билан ўлчар эдилар.

Таом палласи шундай ўй-хаёллар билан ўтди. Амир меҳмонларнинг имиллаб ўтиришларига кўп тоқат қилолмади. Қодир оға ҳазратга қараб, фотиҳага қўл очди.

Уламолар билан қаср остонасида хайрлашиб, Асадуллани шийпонга бошлади.
— Адоватингиз беҳад экан, фаҳмладим, — деди амир. — Бу ҳол менга ажаб туюлди. Сабабки, уларнинг нияти-да дуруст.
— Амир соҳиб, жоҳилнинг яхши нияти фозилнинг ҳусуматидан зарарлироқдир.
— Уларни жоҳил дейсизми?
— Жоҳилгина эмас, улар хиёнаткорлар... Садафдан инжу, илондан заҳар ҳосил бўлгани каби, фидойиликдан ватан садоқати, хиёнатдан бебахтлик зуҳур бўлур.
— Улар хиёнатда сизларни айбладилар.

Асадулла бош чайқаб, заҳарханда билан деди:
— Бетаҳорат бенамозни бўйнига қўяр экан... Улар Туркистонни Инглистонга сотганларини айтмадиларми?
— Сотганларини?
— Ҳа, амир соҳиб, сотиб эдилар. Исён қилдилар, бегуноҳ қонлар тўкилди.
— Алҳазар!
— Улар ҳокимиятни олмасдан тахт талашадилар. Инглистон исломга ҳомий бўлса Афғонистонга тиғ кўтарармиди?

Амир бу гаплардан ўйланиб қолди. Тарзи Асадулланинг доно фикрларидан мамнун бўлиб, суҳбатга аралашмай ўтирди.
— Муҳорида Инглистон ҳиндларга, барак базайларга-да яроғ бериб, бизни маҳв этмоққа йўллаб эди, — деди амир. — Унда ўзбеклар ўзбекларни маҳв қилабера... Водариғо!..
— Мол ва ашё ўғриларидан кўра одамлар орасинда дўстлик, улфат, муҳаббат, оқибат, қадрни ўғирлайдургон одамлардан сақланмоқни маъқул кўрамиз биз. Томчи сел бўлолмаганидек, булар юрт оғаси бўлолмайди. Фуқаро уларга эргашмайди, эгри таёққа суянмайди. Бугунги шўришлар ўтади-кетади.

Амир кутилмаганда суҳбат мавзуини буриб юборди. Об-ҳаводан гапирди. Асадулланинг йўл таассуротлари билан қизиқди. Асадулла шундан билдики, амирнинг бугунги чорловидан нияти суҳбатлашиш эмас, балки уламо ваколаси билан юзлаштириш. Лекин ана шу юзлаштиришдан мақсади нима? Асадуллага бу қоронғи эди. Амирнинг амалга ошмаган кичик ҳийласи, яъниким, адоватдаги икки одам юзлашган чоғида ҳеч бўлмаса бири ёрилади, бир-бирига таъна тошлари отилажак чоғида ҳақиқат сув юзасига қалқиб чиқади, деган умиди ҳатто Тарзи учун ҳам сир бўлиб қолаверди.

3

Амир Омонуллохон гўё вакола ҳайъатини унутиб қўйгандай эди. Навбатдаги чорловдан анчагача дарак бўлмади. Маҳмуд Тарзи ҳафтада бир келиб, гурунг қилиб кетади. Ваколанинг саволига: «Амир ўйлаяпти», деб қисқа жавоб беришдан нарига ўтмайди.

Бу орада сунбула туғди, сувлар тиниб, ҳаво салқинлашиб, кузнинг нафаси сезилиб қолди.
— Ёзнинг жазирамасида келган эдик, энди қишнинг совуғида қайтамиз шекилли? — деб нолиб қолди Ушинский. — Нимага келдигу нима қилдик бу ерда. Амирнинг битта саволига жавоб бериб қайтаверамизми?
— Сизнинг ўша битта жавобингиз ҳаммасидан зўр бўлди, — деди Шувалов. — Сиздан кутмаган эдим.
— Биламан, сиз мендан фақат ёмонлик кутгансиз. Лекин сиздан хафа эмасман. Касбингиз шунақа.
— Жаноблар, диққат, Мирза Қандилхон келяпти, — деди Хмарин уларнинг суҳбатини бўлиб. — Гаров ўйнайман, хушхабар айтади: қадам олиши чаққон.

Чиндан ҳам Мирза Қандилхон келиб, амир ҳазрат йўқлаётганини билдирди.

Омонуллохон бу сафар ҳам уларни ўша ойнабанд қасрда кутиб олди. Унинг кўриниши илгаригидай жиддий эмас, аксинча, нимадандир хурсанд кўринарди.
— Кобул кузга банди бўляпти, — деди у меҳмонларга бир-бир қараб чиқиб. — Лекин кузда баҳор нафаси уфуряпти, сезяпсизми? Сабаби қалдирғоч келган, — амир ўзининг ташбиҳидан ҳузурланиб, яйраб жилмайди. — Қалдирғоч деганим — сизларсиз. Салтанатим умри баҳорига юз тутган. Қалдирғоч баҳор даракчиси... Алқисса, сизларни қароримиздан огоҳ этмоқ мақсадида чорладим. Аҳдимиз шундай: Афғонистон Шўрави Руси ила музокара бошлашга рози. Мухтор вакил етиб келгунга қадар сиз, жанобнинг, — амир Хмаринга юзланди, — Кобулда қолишингиз айни муддао. Айрим муаммоларни ҳал қилишга зудлик билан киришмоғимиз лозим. Шунинг баробаринда Ҳиротда ҳам сафоратхона очиб, сиз, жанобнинг, — амир Асадуллага юзланди, — ўша ерда иш юритмоғингиз жоиз. Мухтор вакил етиб келгач, Мазори Шариф ила Майманада ҳам сафоратхона очгумиз.

Амирнинг кутилмаган бу гапларидан барчалари ҳайратда эдилар. Бу онда фақат Хмарингина тезда ўзини қўлга олди.
— Россия ҳукумати номидан шуни маълум этаманки, — деди у, — Афғонистон ҳукумати Россиянинг истаган шаҳарида сафоратхона очиб, иш юритмоғи мумкин. Бу борада чекланиш йўқдур.
— Шўрави Руси бизга яна нималарни ваъда қила олади?
— Россия ҳукумати Афғонистонга моддий ёрдам бермоққа тайёр.
— Қанча?
— Бу махсус музокара талаб этади, амир ҳазрат. Тижорат ишлари йўлга қўйилса, аввалгидан кўпроқ мол олиб кўпроқ сотиб олади. Мендаги далилларга қараганда жаҳон муҳорибасига қадар Россия Афғон элига сотган молнинг саксон беш фоизи газлама, олти фоизи қанд, икки фоизи шиша ва чинни буюм, сўнг ипак, темир жиҳозлар, ермой, гугурт бўлган. Афғонистондан сотиб олинган молларнинг йигирма тўрт фоизи пахта, ўн етти фоизи жун, ўн икки фоизи қўй... бўлган. Кунжут уруғи, писта, узум, гилам, хом терилар ҳам харид қилинган.

Омонуллохон: «Нечун булардан биз бехабармиз?» деган маънода Тарзига норози қиёфада бир қараб олди-да, Хмарин билан бошлаган суҳбатини давом эттирди:
— Шўрави Руси буларни оширишга қодирми?
— Шак-шубҳасиз.
— Шўрави Руси молларни олиб келишда йўл чиқимидан бизларни ҳоли қила оладими?
— Бу ҳам алоҳида музокара талаб этади. Янглишмасам, Афғонистон Оврупонинг бўлак давлатлари билан ҳам биродарлик алоқалари ўрнатиб, тижорат ишларини-да йўлга қўяр. У ҳолда, моллар Россия темир йўллари орқали етказилар? Бу хусусда айни шу дамда аниқ жавоб беролмасам-да, Афғонистон мушкулининг енгил бўлишига ишончим бор. Шунингдек, Россия ҳукумати Афғонистоннинг ички ишларига аралашмайди, бўлак давлатлар ила Афғонистон шаънига, осойишталигига қарши сулҳ тузмайди.

  

— Бизим яна бир истагимиз бор: биз инглистоннинг ғаразли ёрдамларидан воз кечиб, Шўрави Руси томон юз тутдик. Ҳамонки Шўрави Руси пок ният ила бизга кўмак бермакчи экан, афғон элига унумли ерларни қайтариб оладими? Жайҳун наҳрининг ул қирғоғини Афғонистонга бермоғи мумкинми? Қалъалар Афғонистон хавфсизлиги учун ғоят зарур. Шунингдек, Кобулда радиостанса тиклаб, ҳаво тилгиромини мукаммал суратдаги ашёлари ила бера оладими? Бу мавжуд бўлмаса, Кўшкдан Кобулга қадар симли тилгиром тортилса-чи?

Бу гапни эшитиб, Асадулла: «Қодир оға ҳазратнинг тазйиқи бари бир ўтибди-да. Хмарин инъом этиб юбормаса эди», деб хавотирланди. Йўқ, Хмарин шу қадар нозик таъб билан жавоб қилдики, бунга ҳатто амир ҳам тан берди.
— Афғон эли муҳорибада улуғ заҳматлар чекди. Юртга озор етди. Буни ўзимиз ҳам кўрдук. Буюк Афғонистонга беминнат кўмак зарур. Англаб турибмиз. Бироқ бизга бундай муаммоларни ҳукм қилмоққа ҳуқуқ берилмаган. Талабингизни ҳукуматга етказгум, бу хусусда ҳам махсус музокара юргизилса ажаб эмас. Бу талабнинг рад ёки қабули марказнинг ҳукмига вобастадир. Радиостантсия ва телеграф хусусида илтимосингиз қондирилиши муқаррарлигига аминман.
— Яқин орада Инглистон ила қайта музокара бошлангуси. Мен сиз жанобни бу музокарада иштирок этмоғингизни истар эдим.
— Миннадорман, амир соҳиб.

Амир жилмайиб Тарзига, Тарзи остонада турган ҳожибга им қоқди. Тўрт хизматкор қўлида нарсалар билан кириб, таъзим қилди.
— Сизларнинг ташрифларингиздан бисёр шодман, — деди амир ва биринчи хизматкор қўлидаги қутичани очиб, занжирли тилла соатни олди. — Хайрбод онидан ёдгорлик бўлсин. — Шундай деб, соатни Хмаринга узатди. Хмарин, совғани олиб, енгил таъзим билан миннатдорлик изҳор қилди. Амир худди шундай соатни Асадуллага ҳам узатди. Маҳмуд Тарзи эса унинг елкасига зар чопон ёпди. Амир хизматкор қўлидаги қалин китобни олиб, варақлади:
— Мирзо Бобурнинг девони. Шоҳнинг бармоқлари теккан табаррук китоб. Сизга йўлдош бўлсин, — амир китобни икки қўллаб узатди.
— Юртингиз ёвларига қирон келсин, — амир шундай деб Шуваловга кумуш безакли қилич тутди. — Сиза яна бир чавкар-да аталган.

Ушинскийга ҳам соат инъом этилгач, бошқа хонага йўл олдилар.

Хайрбод зиёфат ила якунланиб, улар яхши кайфият билан қароргоҳларига қайтдилар.

Эртасига Россия Ижтимоий Шўролар жумҳурияти сафоратхонаси учун ажратилган бир қаватли бинога Хмаринни кўчириб бордилар. Яна бир кундан сўнг Хмарин улар билан хайрлашди.
— Сиз билан бирга узоқ ишлашни хоҳлар эдим, — деди Хмарин Асадуллага. — Уч ярим ой бирга бўлдигу назаримда, уч ярим асрдан бери сизни биладигандайман. Сиз Боғи Бобурда тўғри айтган эдингиз: мен Россия истиқболи учун жонимни тикканман. Агар Ватанимга қайтиш насиб этмаса, сиздан илтимос, Россия томонларга ўтсангиз, тупроғига мен учун таъзим қилиб қўйинг.

Хотима

Йигирма олти кунлик бехатар йўл Ҳиротга олиб келди. Ҳирот волиси уларни хушхабар билан қаршилади. Кўшкдан келган даракка қараганда Оренбург йўли очилиб, Муҳаммад Валихон Москвага етиб борган, Москва ваколаси эса Тошкентга бешикаст келиб, Ҳирот сари отланмоқди экан. Ноиб сафоратхона учун Чаҳорбоғ аталмиш ҳукумат ўрдаси ёнидан бир саройча тайин қилиб қўйган экан, шу ерга тушишди.

Шувалов, Ушинский ва Кобулдан бирга қайтаётган қизил аскарлар бу саройчада бир кунгина қўноқ бўлишди. Саҳарда тўрт аскарни қолдириб, йўлга отланишди.

Минг-минглаб одамаро Шувалов билан Асадулла ғойибона ип билан қаттиқ уланган эди. Бу ишининг узилиш они етдими? Ажаб... Ҳаётда юзлаб одамлар билан танишасан, аксари чин дўстдай туюлади, аммо кўп вақт ўтмай бирон-бир сабаб билан четга чиқади. Чин дўст топганингда, у билан умрнинг адоғигача қолмоқчи бўлганингда умидинг риштаси шарт узилади-ю, ундан ажраб қолганингдан сўнг бошингни қайси тошларга уришни билмай қоласан.

Асадулла дўстга етишдим, деганда ҳам жисман, ҳам маънан айрилиққа кўп дуч келган. Ана энди Ҳиротда Шувалов уни яна бир айрилиқ гулханига ташлаб кетяпти.

Хайрлашув маҳалида ортиқча сўзлар айтилмади.
— Амирнинг гапи эсингиздами, бизни қалдирғочга ўхшатди, — деди Шувалов. — Қалдирғочнинг қисматида баҳорнинг шиддатли шамоллари, момақалдироқларини кўриш бор. Биз бўронлардан омон чиқиб, баҳорнинг чиройидан ҳам баҳраманд бўлишимиз керак.

Асадулла Ҳиротда қолганидан бери тундаги ёлғизлик азобларидан қутула олмайди. Ғуломқодирнинг ўлимга бунчалик талпиниш сабабини шунда аниқ билди. Дам-бадам уни эслаб, ҳаётнинг шафқатсизлигидан фиғон чекди. Ёшлик билан гул чиройини бир-бирига ўхшатадилар. Не додки, уларнинг умри ҳам ўхшаш — қисқа. Гул тез сўлийди, чиройини йўқотади, ёшлик эса кўз очиб юмгунча ўтади-кетади. Бироқ, шу қисқа даврнинг бемарвид узилиши энг катта ноҳақлик эканини Ғуломқодирнинг ўлими исботлади.

Илгари фақат хотини, болалари туннинг меҳмонлари бўлишса, энди Ғуломқодир, баъзида Зикриё афанди келади. Гўё улар бу дунёдаги армонлари, фиғонлари, аламларини Асадуллага мерос қолдиргандай. Асадулла оқшом тушишини юраги безиллаб қарши оладиган бўлиб қолди. Чунки оқшом — қоронғилик элчиси: қоронғилик эса ёлғизлик бошланганидан дарак беради. У кунни, наинки кунни, ойларни, йилларни орқага сургиси, ҳаммасини бир бошдан бошлагиси келади. Бунинг имкони йўқлигидан эзилди. Умр ўқ, нишон эса ўлим, ўқ изига қайтмаганидек, вақт саноқли, қўлдан кетган бахт ҳам қайтмайди. Ёлғизлиги бошланиши билан кўз ўнгида ҳаммаёқ хира тортади. Атрофда нидо йўқ. Фақат тор кўкрагидаги банди юраги беҳаловат тепади. Кўкрак қафасини синдириб қочиб кетишни, бу вужудни тарк этгиси келади.

Армонлар тугамай кундуз тугайди. Руҳи титилиб кетади. Ҳаммага ором бера оладиган тун уни четлаб ўтади. Ором кўзларига кела қолса, туннинг нафаси киприкларини юма қолса бўлмайдими? Уйқу кела қолса, ҳаловат тушларини бера қолса бўлмайдими? Бу ҳолда субҳидамгача қандай чидайди?

Ҳар тун аҳвол шу. Яхши ҳамки, кундуз бор. Яхши ҳамки, юмуш билан банд...

Вужуди пароканда бўлиб юрганида Ҳиротга Маматшариф келди. Тошкент нафасини, дўстлар саломини ола келди. Асадулла уни қучоқлаб, қўйиб юборса шу оннинг ўзида қочиб кетадигандай анчагача бағридан бўшатмади. Маматшариф унинг аҳвол-руҳиясини билиб, елкаларини беозор силади.
— Юрагимда оғир тош билан қайтяпман, — деди у. — Туз ҳаққини ўтаганимдан сўнг бирга қайтамиз юртга...

Асадулланинг бахтига улар Ҳиротда икки кеча-кундуз қолдилар.

Умрини яшаб бўлган япроқларга хазин нуқси урилган офтобсиз, рангпар кунда хайрлашдилар.

Асадулла ноиб лутфи билан берилган фойтунда Маматшариф билан суҳбат қуриб, Ҳиротдан пича узоқлашганини сезмай қолди. Фойтунчи йигитнинг: «Юраверамизми, соҳиб?» деган саволидан кейин хайрлашдилар.

Фойтун қайтишда илдамлади.

Тош йўлда фойтун бир нарсага урилдими ё тепадан катта тош тушдими, ё ғилдирак чиқиб кетдими, Асадулла билмай қолди. Аввалига фойтунчи йигит бақириб юборди, сўнг ҳаммаси ағдар-тўнтар бўлиб кетди. Асадулла, назарида, қаттиқ ерга йиқилмай, булут устига тушгандай, сузиб юргандай эди.

Осмонни ўркач-ўркач, ҳошиялари қорамтир, букри булутлар эгаллаб олган. Бир ўркачда у ўтирибди. Бирда хотини, болалари...
— Эҳтиёт бўлинг, тушиб кетманг, — дейди хотини.

У ўша ўркачга ўтмоқчи бўлади. Оёқ остига қараса — тубсизлик.
— Тўхтанг, дадаси, тўхтанг, — дейди хотини. — Биз ўзимиз ўтамиз. Биз тушиб кетмаймиз, учиб юрамиз.
— Дада, қаранг, қалдирғочлар келибди, — дейди катта ўғли қувониб.

Қалдирғочлар, думи айри, беозор қушлар булут бағридан ўқдай отилиб чиқиб, чарх уради, вижир-вижир қилади.

Қалдирғоч осойишта хонадонга ин қўяди, дейдилар. Ҳақ гап. Уларнинг хонадони осойишта эи. Уйини ёндиришди, қалдирғочни қўшиб ёндиришди-я! Йўқ, қалдирғочлар учиб кетиб жон сақлашгандир, бошқа осойишта хонадонга уй қуриб олишгандир... Унинг хотини, болалари учолмаган...
— Тўхтанглар, йиқилиб тушасизлар! — деб бақирди Асадулла.

Улар эшитишмай, юра бошладилар.

Асадулла жонҳолатда улар томон юрди. Булут ўркачидан тушиб кетди.

Юраги шувиллаб, тубсизлик чоҳига қулаётганда, қалдирғочлар уни ушлаб қолиб, яна юқорига кўтаришди.

Булутлар устида энди ҳеч ким йўқ эди.

Булутлар тепасида қуёш беғубор нур сочарди.

Қалдирғочлар қуёш оташидан қўрқмай тобора юксакроқ учардилар...

1985


Бир-икки сўз

Алҳамдулиллаҳким, ниҳоят, сўнгги нуқта қўйилди. Кўп йиллар давомида мен билан бирга бўлган, излаб топганим, эшитганим — воқеалар, тақдирлар... қоғозга тушди. Елкамдаги оғир тоғ қулади-ю, вужудим бўшаб қолгандай бўлди. Одатда, ёзувчи асарга хотима ёзиб, изоҳлар бермайди. Аммо бу асарни ёзиш учун қўлга қалам олишим сабабларини айтиб ўтишим лозим.

1978 йил эди. Атоқли сиёсий арбоб, маърифатпарвар, ўзбек театрининг асосчиларидан бири Абдулла Авлоний таваллудининг 100 йиллиги арафасида «Гулистон» журналида хизмат қилар эдим. Бош муҳаррир ўринбосари Ваҳоб Рўзиматов менга бир сурат кўрсатиб: «Афғонистонга борган биринчи элчилар делегатсияси. Бу одам Абдулла Авлоний. Мана бу аёл «Ҳаётбахш ўлим»даги комиссар аёлнинг прототипи Лариса Рейснер деган тахмин бор. Шуни аниқлаш керак», дедилар. Абдулла Авлонийнинг ўйларига бордим. Қизлари — Тошкент педагогика институтининг дотсенти Ҳакима Авлоний, инженер-ирригатор, фан кандидати Карима Авлоний, ўғиллари, кимёгар олим Кенжа Авлоний, шогирдлари жумҳуриятда хизмат кўрсатган муаллим Миржалил ота Каримов билан учрашдим. Шу масалаларни аниқлаш учун Москвага отланганимда дадам Малик Ҳобил ўғиллари мақсадимни билиб: «Авлоний бизни ўқитганлар», деб қолдилар. Ўрта Осиё миллатлари ҳарбий мактаби битирувчиларининг суратини қўлга олдик. Болалик чоғларимда юз марталаб томоша қилган суратда таниш чеҳрани кўрдим. Сўнг тоғам — Мирзакалон Исмоилийга ниятимни айтдим. «Авлонийми? Бизни ўқитганлар у киши...» Қарангки, менга фаолияти номаълум бўлган одам оиламиз катталарига устозлик қилган эканлар. Ўша суҳбатда тоғам ўзбек зиёлиларининг тақдирини ёзиш керак, деб қолдилар. Бу истак юрагимга чўғ солди.

Кутубхоналардаги, СССР ташқи ишлар вазирлигининг ноёб ҳужжатхоналаридаги изланишлар ортда қолиб, шу асар вужудга келди. Асар гарчи Абдулла Авлонийга бағишланган, унга шоирнинг ҳаётидаги кўп воқеалар кирган бўлса-да, у Авлоний таржимаи ҳоли сифатида битилмади. Камина Асадулла Миръалам сиймосида ўзбек зиёлилаларининг энг яхши фазилатларини жамлашга, шунингдек, ўктабр тўнтаришидан кейинги адашишларини баён этишга ҳаракат қилдим. Болшевиклар ўзбек зиёлилари ва шариат пешволари орасидаги ихтилофдан усталик билан фойдаланганлар. Уларни айри-айри соҳилларга ташлаб, сўнг бирма бир қириб юборганлар. Тарихнинг бу машъум саҳифалари бугунги авлод учун ибрат бўлмоғи лозим.

Мазкур асар тоғамнинг васиятларини бажаришда, ХХ аср бошларидаги ўзбек зиёлиларининг мураккаб ва фожиали тақдирларини тасвирлашда дастлабки қадамдир. Уни шогирднинг устозларга таъзими, миннатдорлиги сифатида баҳолашларингизни истар эдим. Ўқиганингиз бу асарда Алишер Навоий, Мирзо Бедил, Мирзо Бобур, Рабиндранат Тахур шеърлари қаторида Абдулла Авлонийнинг шеърлари, ҳикматлари, хотираларидан ҳам фойдаландим.

Сўзим охирида муҳтарам ўқувчига мен билан биргаликда яқин ўтмишга сафар қилганлари учун раҳматлар айтаман.

Муаллиф.

II- qism
 
Keyingi