OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

5 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифТоҳир Малик
Асар номиШайтанат (I- китоб, I- қисм)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Криминал беллетристика
Муаллифлар
   - Тоҳир Малик
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Китоблар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм444KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/12/01
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Шайтанат (I- китоб, I- қисм)
Тоҳир Малик

Муқаддима

Бисмиллоҳир Роҳманир Роҳийм.

«
«Қачонки (бу) иш тугагач (яъни жаннат аҳли жаннатга сазовор бўлиб, дўзахийлар дўзахга ҳукм қилингач), шайтон деди: «Албатта, Оллоҳ сизларга ҳақ ваъда қилган эди. Мен эса (ёлғон) ваъдалар бериб, сизларни алдаган эдим. (Лекин) мен учун сизларнинг устингизда ҳеч қандай ҳукмронлик йўқ эди, илло мен сизларни (куфр йўлига чақиришим биланоқ) ўзингиз менга итоат этдингиз. Энди мени эмас, ўзларингизни маломат қилингиз. Мен сизларга ёрдам бера олмайман, сизлар ҳам менга ёрдам бергувчи эмассиз. Албатта, мен сизлар илгари (Оллоҳга) мени шерик қилганингизни инкор қилурман. Албатта, золимлар (яъни кофирлар) учун аламли азоб бордир...».
«Иброҳим» сурасининг 22-ояти. Алоуддин Мансур таржимаси.
»
«
«Шайтон ғолиб, жон берарда шошдим мано».
Аҳмад Яссавийдан сатр.
»

Яратганга минг-минг шукрлар бўлсинким, Сиз — азизларга айтмоқ учун дилимга яна бир гап солди. Оллоҳнинг ўзидан мадад сўраб, қўлимга қалам олдим. Умид шулки, айтар сўзларим сизларни бефарқ қолдирмас…

Оллоҳ субҳанаҳу ва таоло бандаларига «шайтон йўлидан юрманглар», деган. Надоматким, ҳақ йўл турганида шайтон йўли бизга дурустроқ кўриниб, шу томон оғамиз. Оёқларимиз яхшилик эмас, зулм сари юришни маъқул кўради. Пешонамиз деворга урилганда эса, «шайтон йўлдан оздирди», деб кўксимизни доғлаймиз.

Шайтон ҳам киши билмас улуғ қудрат эгаси. У ҳасад, риё, жаҳолат, разолат, хиёнат, ғазаб, шаҳват, сафоҳат, хасосат, анонийят, намимат, кизб, зулм, тама салтанатларининг султони. Унинг салтанати қурғоқчиликни билмайди — у эккан уруғларга Сиз билан биз сув бериб, ўзимиз англамаган ҳолда холис хизмат қилиб юрамиз. Шу боис унинг салтанатида қадалган ҳар бир уруғ ниш бериб, униб чиқади, ўсиб, мева тугади... Ён-атрофимизда шайтон салтанатининг фуқароси кўпми, ё иймон ва виждон сўзига итоат қилгучи тобунларми? Албатта, шайтонни енга олганлар кўп. Аммо шайтон йўлидагилар кўзимизга кўпдай кўринаверади. Чунки улар эккан ёмонлик дарахти тез шохлайди, мўл мева беради. Мен шу ёмонлик дарахтининг илдизини излаб топарман, деб яна сизларга мурожаат этяпман, вақтингизни оляпман. Уни топмоққа бир одамнинг ақли қосирлик қилмоғи аниқ. Кўплашиб фикрлашайлик-чи, иншооллоҳ, тўғри хулоса чиқариб олсак. Ҳаёт турфа ранг. Кўзни яшнатиб, дилга қувват бергучи чиройли ранглар ҳам, кўнгилни вайрон қилгучи қора ранг ҳам бор. Авваллари қора рангни ишлатишга бир томондан ижозат, иккинчи томондан журъат йўқ эди. Қоранинг ёнида албатта оқ, пушти, зангори... ранглар бўлиши шарт эди. Замон берган эркинликдан фойдаланиб, турмушимизнинг қора кўчаларига киришга жазм этдим. Ёзганларимни ўқиб, чор-атроф зимистон-ку, деб ваҳимага берилманг. Ёруғ кунда барча яхши нарсаларни кўриб турамиз. Қоронғида эса кўрмаймиз. Урилиб, сурилиб, қоқилиб юрамиз. Алқисса, ёруғ куннинг қадрига етмоқ учун қоронғуликни ҳам кўриш лозим эмасми?

Асарни охиригача ўқий олсангиз, бунга сабрингиз ва вақтингиз етса, бир қанча одамлар билан танишасиз. Улар балки қўшнингизга, балки дўстингизга, балки қариндошингизга ўхшаб кетар. Шу ҳол юз берса, «Фалончини ёзибдилар» деб юрманг. Бу шунчаки тасодифий ўхшашликдан бошқа нарса эмас.

Ҳеч бир инсон ёмонлик учун яратилмайди. Инсон дунёдан лаззатланиш, бу дунё синовларидан ўтиш учун келади. Одам ерда юради. Шоир Асқар Қосим айтмоқчи:

Самодаги тузоқ нима билмагай,
У ҳеч кимга итоат ҳам қилмагай.

Афсус, оёқлар остида тузоқлар кўп. Бу тузоқ одам боласининг ҳаёт йўлида ҳал қилувчи восита ҳам бўлиши мумкин. Мен асарда сизга ҳамроҳ бўлгучи фуқароларнинг айримларини аввалдан таништирай. Шу мақсадда бир оз ортга қайтишимизга тўғри келади.

Элчин

1978 йил, 8 сентябр.

У момиқ булутлар устида сархуш сузарди. Бирдан булут чоки сўкилиб, пастга қараб шўнғиди. Юраги шув этдию кўзини очди. Чиндан ҳам булут устида сайр қилардими, чиндан ҳам пастга шўнғидими — дафъатан идрок этолмади. Хаёлини жамлашга уринди. Кўриб тургани — нақш билан безатилган шифт — демак, ўз уйида. Ажаб, уйга қачон, ким билан қайтди экан? «— Мен ҳазил ўйин деб ўйлабман...

Қиморда ҳазил бўлмайди, эркак.

...Тўлайман... фақат бугун эмас. Бир-икки йил ичида.

Пулни-ку, тўларсан-а, хотининг-чи? Хотинингни ҳам тикворгансан-ку». Бу хирилдоқ овоз бошига гурзи бўлиб урилиб, сапчиб тушди. Беихтиёр:

Ноила! — деб бақирди. Жавоб бўлмади. «Олиб кетишдими?!» деган фикр вужудини парчалаб ташлади. Бу сафар жонҳолатда бақирди: «Ноила!!!» Айвондаги қафасда мудраётган тўтиқуш патирлаб, бир чуғурлаб қўйди-ю, тинчиди. Ташқарида ит улиди. У сесканиб, атрофга олазарак боқди: ўнг томондаги ётоқ эшиги қия очиқ. Ичкарида чироқ ёниқ. Ноила ёлғиз қолган тунлари чироқни ёқиб ётарди. «Уйда экан...» — шу фикр унинг парчаланган вужудига жон қайтарди. Эшик томон юрди. Остона ҳатлади-ю, тошдай қотди: икки кишилик каравотда, умрининг энг ширин дамлари ўтган ўринда Ноила сочлари паришон ҳолда ётарди. Агар чойшаб қонга беланмаган, чап кўкрагига пичоқ қадалмаган бўлганида уни ширин уйқуда деб ўйлаш мумкин эди. Ачомлашган узун киприклар пастки қовоғига соя ташлаган, бежирим лаблари қимтилган, қалдирғоч қанотидан нусха олган қошлари эса таранглашган. У ҳозир хотинининг на кипригига, на қошига қарайди. У ҳозир Ноиланинг бўйни, бақбақалари тишланганини ҳам кўрмайди. Унинг кўзи ҳозир кўкракка қадалган пичоқда. Дастаси кийик шохидан ишланган пичоқ жавонда сақланар эди. Уни ким олди? Ким Ноиланинг кўкрагига санчди? У бир неча дақиқа телбаларча турди. Сўнг, эси ўзига келгач, шошилиб бориб кўкракдаги пичоқни суғуриб олди...

Асадбек

1949 йил, 31 декабр.

Тонгга яқин онасининг инграётганини эшитди. Кейин отаси нимадир деди. Танча совуб қолган, бадани совуқдан жунжика бошлаган эди. Оташкуракни олиб кулни титиб қўйса-ку, олам гулистон, аммо эринчоқлик совуқдан устунлик қилди. Бу юмушни эрталаб онаси бажарар эди. Учовлон танчанинг уч томонида ётишарди. Ҳозир онаси нариги уйда инграяпти, отаси нимадир деяпти. Совуқ уйда нима қилишяпти экан?
— Уйғондингми, тойчоқ? — деди дадаси остонада туриб. — Турақол, аянгни касалхонага ташлаб келаман. Бугун қорбобо сенга ҳам чана, ҳам ука олиб келадиганга ўхшайди. Сен яхши бола бўлиб ўтириб тур. Аяси дадасининг қалин ёқали катта оғир палтосини кийиб олибди. Унинг назарида аяси палтонинг оғирлигидан қийналиб инқиллаётганга ўхшарди. Аяси танча олдида тўхтади. У турди. Аяси уни ўпиб, йиғлади.
— Дадаси, танчанинг чўғини очиб қўйинг. Тойчоғингиз совқотибди, — деди. Дадаси энгашиб, кўрпанинг бир томонини кўтарди-да, кулини титиб, чўғни очди. Кейин чиқиб кетишди.

У жойига ётди. Аввалига ёлғизликдан бир оз қўрқди. Сўнг ухлаб қолди. Бу сафар ошқозони таталаб уйғонди. Сандал устини қоплаб турган тўрт бурчакли катта патнисда бир бурда нон, бир сиқим туршак бор эди. Туриб, ювинишга эринди. Қўлини чўзиб нонни олди. Кўча томондан болаларнинг қувноқ қийқириқлари келди. Нон билан туршакни еб бўлгунча «кўчага чиқсам дадам уришадилар», деб ўзига ўзи сўз бериб ўтирди. Қорин ғами бир оз аригач, дик этиб ўрнидан турди-ю, аяси тикиб берган пахталикни эгнига илди.

Ана шу пайтда кўча эшиги очилиб, икки киши кириб келди. Айвонга чиқиб оёқларини тап-тап уриб, қорни қоқишди. Сўнг эшикни очиб танчали уйга киришди.
— Уйда ким бор? — деб сўради паст бўйли киши.
— Отанг қаерда? — деб сўради новчароғи.
— Дадам аям билан кетдилар.
— Қаёққа?
— Ука олиб келгани.

Улар бир-бирларига ғалати қараб олдилар.
— Жойингда қимирламай ўтир, — деб буюрди паст бўйли киши.

Қўрқиб кетганидан қимирлашга ҳам ҳоли қолмади. «Булар ўғри, яхши ҳам нонни еб қўйганим», деб ўйлади.

Улар этикларини ечмай, эски кигиз устида из қолдириб, токча томонга ўтишди. Китобларни титкилашди. Кейин сандиқни очишди.

У титрай бошлади.
— Танчага ўтир, — деб буюрди паст бўйли киши. У совуқдан эмас, қўрқувдан титраётган эди. Танчага ўтирганда ҳам қалтироғи босилмади. «Ҳеч нарса топишолмаса, мени ўлдиришади», деган хаёлга келиб, йиғлаб юборди.
— Нимага йиғлаяпсан, қўрқаяпсанми? — деди новча одам.

Тили гапга келмай, бошини ирғади.
— Қўрқма, биз ўғри эмасмиз. Биз халқни ўғри, муттаҳам, душманлардан ҳимоя қиладиган одамлармиз. Сенинг отанг ҳам душман. Оддий эмас, халқ душмани!
— Болага бу гапларни гапирманг, фойдаси йўқ.
— Фойдаси бор. Билиб қўйса чакки бўлмайди.

Тинтув тугагач, биттаси патнисни суриб қўйиб, курси устига, иккинчиси дераза токчасига ўтириб, папирос тутатди.

Улар узоқ кутишди. Ниҳоят, кўча эшиги оғзида дадаси кўринди. Қўлида чана! У суюнганидан ирғиб туриб, ташқарига югуриб чиқиши керак эди. Аммо ўрнидан жилолмади. Ўғлининг пешвоз чиқмаганидан дадаси ҳам ажабланиб, «Тойчоқ, уйдамисан?» деб қўйди. Эшикни очиб, танчали уй ичкарисига бир одим ташлади-ю, ҳайратланиб тўхтади.
— Сиз қамоққа олиндингиз, — деди паст бўйли одам, унинг орқасига ўтиб.
— Халқ душмани сифатида, — деди новча одам, унинг рўпарасига туриб олиб.

Дадаси индамади. У: «Дадам иккаласини уриб-уриб кўчага отворсалар эди», деб жуда-жуда истаган эди. «Нимага урмаяптилар, кучлари етмайдими? Мен борман-ку!»
— Дадамга тегманг! Тегманг дадамга! — дафъатан келган ҳайқириқни тўхтата олмади. Ирғиб туриб узун бўйлининг елкасига тирмашди.
— Жим бўл, илонвачча! — у шундай деб итариб юборди.
— Болага тегманг! — деб бақирди дадаси.
— Бўлди, томоша тамом, юр, — деди паст бўйли одам.
— Биродарлар, — бу сафар дадасининг овози титраб чиқди, — ахир бугун янги йил, ўғлим ёлғиз. Эртага тонг саҳар айтган ерингизга ўзим етиб бораман.
— Мумкин эмас, юр.

Дадаси уларга бошқа ялинмади. Фақат: «Ўғлим билан хайрлашиб олай», деб изн сўради. Рухсат теккач, уни бағрига олиб, юзини юзига босди. Шунда юзига дадасининг кўз ёши тегиб, у ҳам йиғлаб юборди.
— Йиғлама, ўғлим, Жалил ўртоғингникига чиқиб ўтир. Мен эрталаб қайтаман. Аянг сенга ука олиб келади. Отини Самандар деб қўямиз. Эсингдан чиқмасин — Самандар! Дадаси шу кетганича қайтмади.

Зоҳид

1980 йил, 10 июн.

Улар тўрт киши эдилар. Ака-ука уларга бас келолмасди. Қочдилар. Кўча узун, гўё адоқсиз эди. Ҳаммаси худди тушдагидай кечди: жонҳолатда тез югурамиз дейдилару югуролмайдилар — қочоқлар билан қувлоқлар орасидаги масофа тобора қисқаради. Ана, уч қадам қолди... икки қадам... Орқадагиларнинг ҳансирашлари яққол эшитилади. Сўнг ўнг чаккасига орқа томондан мушт тушди. Оёқлари чалишиб, мувозанатни ушлолмай қолди — мункиб бориб дераза токчасининг қиррасига калласи билан урилди. Кўзлари тиниб, аъзойи бадани бўшашди. Шу аҳволда эканида акасининг иҳраганини эшитди. Кейин акаси жони борича бақирди:
— Зоҳид, қоч!!!

У ҳам «ака, қочинг!» деб бақирмоқчи эди, овози чиқмади. Фақат лабларини аранг қимирлата олди. Касалхонада ўзига келиб, бўлган воқеаларни эслади: шанба оқшомида ака-ука дарсдан чиқиб, қишлоққа қайтдилар. Онаси тандирга ғўзапоя қалаб, нон ёпишга ҳозирланарди. Совчилар ишни пиширишган, эртага қизнинг уйида нон синдирилади. Қарабсизки, ёзги имтиҳонлар оёқлаши билан тўй бошланиб турибди-да. Ака-ука эртага бўлади- ган шодликни билишса ҳам билмаганга олишади. Фақат ука айёрлик билан кўз қисиб, акасига қараб қўяди. — Ўртоқларинг келиб кетишди. Афзалинг ҳарбийдан қайтибди. Ўша ерда ўтиришаркан, — деди она бўлажак куёвга меҳр билан боқиб. Ака ўша ёққа отланди.
— Ҳай, ўртоқларингга қўшилиб ичмагин-а! — онаси шундай деб уни ҳам акасига қўшиб меҳмондорчиликка юборди. Жўралар қучоқлашиб кўришдилар. Бир кўчани чангитиб улғайган йигитлар фотиҳа тўйидан дарак топишган, улар учун Афзалнинг ҳарбийдан қайтгани бир шодлик бўлса, улфатларидан бирининг бўйдоқлик қўрғонини бузиб уйланаётгани ўн шодлик эди. Чин шодлик шишалар бўшатилгунча экан. Бир-бировларига битта гап кам, иккитаси ортиқча даражага етишгач, барчаси унутилди. Акасининг қайси гапи жўрабошига ёқмади — у эслолмади. Зиёфат тугаб, кўчага чиқишди. Ана шунда жўрабоши:
— Ҳали нима девдинг, қуруқ! — деб ёқасига ёпишди.

Акаси ҳам ҳайрон. Нима дегани эсида йўқ. Уларни ажратиб қўйишди. Ака-ука тинчгина кетишаётган эди. Йўл яримлаганда орқадан тўртталаси қувиб келди...

...Фотиҳа тўйига атаб ёпилган нон жанозага келганлар учун ёзилган дастурхонга қўйилди. Мурда ювиладиган уйга гуллар сочилди. Чимилдиқ тутилди...

Бу пайтда у касалхонада хушсиз ётарди.

Тўртта эди улар. Қора курсида эса ёлғиз жўрабоши ўтирибди. У ака-ука билан муштлашиб, «бехос уриб ўлдириб қўйибди». Жиноят қасддан қилинмаган. Давлат қораловчиси ҳам, оқловчиси ҳам шу фикрда.

Судхонага акасининг суратини олиб киришди. Жўрабоши йиғлаб туриб, суратни олиб қўйишни илтимос қилди. Гувоҳлар ҳам ўтиниб сўрашди. «Ҳа, буларда инсоф бор экан-ку», деб ўйлади. Лекин жўраларнинг барчаси ёлғон гапиришди. Марҳум хотираси ҳам булғаниб ташланди. Тўртовлон акасини ураётганда мард эди. Энди, жавоб беришга келганда номард кимсага айланишди. Жон ширин экан. Шу ширин жон учун хоинлик қилиш осон экан, жуда осон экан.

* * *

Баён қилганим — уч воқеа уларнинг ҳаётидаги алғов-далғовнинг бошланиши холос. Шу воқеалардан сўнг уларнинг аҳволлари не кечди, бошларига яна не савдолар тушди?.. Ана энди муқаддимани якунлаб, асосий муддаога ўтсак бўлар. Асарни сўнгги нуқтасигача ўқиб чиқишингизда Яратгандан Сизга сабр тилайман. Ассалому алайкум ва раҳматулиллоҳу ва баракотуҳ.

I боб

1

Қишлоқда тонгни хўрозларнинг қичқириғи, қушларнинг чуғури, ниҳоят, эшакнинг ҳанграши уйғотади. Руҳий хасталар шифохонасида эса деразаларига темир панжаралар маҳкамланган хоналардаги жинниларнинг ҳайқирган овозлари тонгни бир титратиб сўнг уйғотади. Янада аниқроқ айтсак, бу овозлар шомдан тонгга қадар тинмайди. Бу бақириқлардан безор бўлган тун бу ерлардан тезроқ қочмоқ истайди. Учинчи қаватдагилар туннинг ожизлигию ўзларининг қудратларидан масрур — гўё улар тонгни уйғотиш учун бетиним хизмат қилиб чиқадигандай. Анвар буни биринчи келган куниёқ фаҳмлаган. Гаплари алмойи-алжойи одамлар билан ҳамхона бўлгач, «чиндан ҳам менинг эсим оғганми?» деб ўйлади. Унга меҳрибонлик кўрсатганларнинг чин мақсадини англамоқ ниятида хаёлнинг турли кўчаларига кириб чиқди. «Меҳрибон»лар сафининг бошида «халқ отаси» тургани аниқ. Умрини мақтов эшитишу чиройли қиз-жувонлар билан айш қилишга тиккан идора бошлиғини Холидий эмас, балки киноя билан «халқ отаси» деб аташ расм бўлган эди. Холидий «халқ отаси» деган сўзни эшитганида заррача ранжимасди, балки унвон сифатида қабул қилишга кўникканди. Аниқроғи, бу «унвон» унга жуда хуш ёқар, вақт ўтган сайин чиндан ҳам халқ отаси эканига ишониб борарди. Холидий хорижга кўп сафар қилгучи эди. Агар туғмас хотинлар делегатсияси чет элга борадиган бўлса ҳам бу одам рўйхатнинг бошида турарди. Мабодо рўйхатга кирмай қолса, «ахир мен ҳам туғмаганман-ку», деб даъво қилишдан тоймас эди. Сафардан қайтгач эса, албатта идора ходимларини тўплаб, бир неча соат давомида хотираларини сўзлаб берарди. Халқ тарихини ўрганиши лозим бўлган илмгоҳ асосан Холидийнинг хизматини ўташ билан машғул эди. Навбатдаги сафардан қайтган Холидий хотирагўйликларнинг бирида «мажлисдаги ажнабийлар нутқимни эшитиб, «сиз оддий олим эмас, халқнинг отаси экансиз!» деб олқишлашди» деб бир яйради. Бу гапни эшитиб Анвар «шу одам ота бўлган халқнинг падарига лаънат!» деди. Ёнидаги ҳамкасблар аввалига бу бурама гапнинг мағзини чақишмади. Кейин тушуниб қолиб, кулиб юборишди. Шубҳа йўқки, Анвар-нинг гапи Холидийга етиб борган. Бироқ, уни жиннихонага юбориш учун бу гап кифоя эмас. Холидийнинг шогирди диссертатсия ёқлаётганида Анвар бу илмий иш эмас, лўттивозлик деб фикрини исбот қилишга уринган эди. Унинг гапларини барча маъқуллаган, лекин уни ҳимоя қилмаган эди. Диссертатсия яхши баҳо олди. Холидий истаса Анварни ўша куниёқ ишдан бўшатар эди. Бунақа идораларда «штат қисқариши» деган гаплар бўлиб туради. Анвардай чўрткесар олимнинг баҳридан ўтиш Холидийга чўт эканми? Лекин у Анварни ишдан ҳайдамади. Яхши муомалада бўлиб юраверди. Яхши муомаласини дариғ тутмаган ҳолда жиннихонага жўнатди. Аммо нима учун бундай қилди— Анвар учун ҳам, унинг атрофидагилар учун ҳам сир эди. Анвар биринчи кечада шу жумбоққа жавоб топишга ҳаракат қилди. Ўша кеча учинчи қаватдан таралаётган овозларни эшитиб, юраги сиқилди. «Мени бу ҳаваскор жиннилар хонасига келтиришга куч топган одамлар учинчи қаватга ҳам кўтаришга қудрат топарлар?» Анвар тунлари ижод қилиб ухламас эди. Бу ерда эса дам ваҳимали, дам аянчли овозлардан ухлай олмади. Аввалига даҳлизда юриб чиқди. Ҳамширалар норози бўлавергач, каравотида шифтга тикилиб ётишни одат қилди.

Бу тун ҳам шу зайлда кечди. Тонгга яқин ўрнидан турди. Даҳлизга чиқди. Ҳамшира стол устига қўлларини қовуштириб, билагини болиш қилиб уйқуга кетибди. У беморларнинг телба-тескари гапларига, учинчи қаватдан келаётган бақириқларга кўникиб қолган. Эшикнинг ташқари ойнаванд табақасини маҳкам ёпган, ичкариги табақа — темир панжарага қулф урган — бу ёғи хотиржамлик.

Анвар темир панжарага яқинлашиб, ташқарига тикилди. Учинчи қават ҳам жимиб қолиб, ҳаммаёқни ўлик сукунат қопласа, бу ер янада ваҳимали бўлса керак. Ҳар ҳолда «жиннихона» деган номи бор. Ҳар ким ҳам юрак бетлаб яқинлаша олмайди. «Мен эсам улар билан бирга яшайман. Биз уларни «жинни» деймиз. Улар-чи? Улар бизни нима дейишар экан?.. Уларнинг кўзига биз жинни бўлиб кўринсак керак. Бу дунёга қип-яланғоч ҳолда келамиз. У дунёга кетишимизда ҳам ҳеч нарса олмаймиз. Бир одамга икки қулоч сурп кифоя. Ана шу келиш-кетиш орасидаги бир чимдим, умримизда нималарни талашамиз? Бир-биримизга хоинлик қиламиз, ҳасаддан куйиб-ёнамиз. Ҳатто... ўлдирамиз! Обрў топмоқчи, пул йиғмоқчи, шуҳрат орттирмоқчи бўламиз. Барчасига эга ҳам чиқамиз. Шоҳсупада талтайиб ўтирганимизда ҳазрат Азроил келади-ю, паттамизни қўлимизга тутқазади. Биз эси соғ одамлар буни тушуниб етмаймиз. Улар — жиннилар балки шу ҳақиқатга етиб борганлари учун бизнинг кўзимизга руҳий хаста бўлиб кўринишар? Ахир улар орасида мансаб талашишлар, маишат, ҳасад, хоинлик... йўқ-ку?...» Анвар шуларни хаёлидан кечириб, юраги тошиб кетди. Темир панжарани бузиб учинчи қаватга чиққиси келди. Панжарани силтаб тортди. Темир шарақлаб кетиб, ҳамширани чўчитиб юборди. У уйқусираган ҳолда шошиб бошини кўтарди-да, атрофга аланглади. Анварни кўриб, ўрнидан турди.
— Сизмидингиз? Қўрқиб кетибман, — деди. «Демак, мендан қўрқмайди. Демак, менинг эсим соғ. Бу яхши», деб ўйлади Анвар.
— Хавотир олманг. Келажаги порлоқ ҳаваскор ёш жинниларингиз ором қўйнида жавлон урмоқдалар, — деди у ҳамширага, ҳазил оҳангида.
— Нимага унақа дейсиз! Қўйинг, ҳамма тузалиб кетади, — деди ҳамшира, соддадиллик билан.
— Ҳамма тузалиб кетса сиз ишсиз қоласиз. Одамларга ҳам қийин бўлади. Ким соғ, ким жинни — ажратолмай эзилиб кетади.
— Гапларингиз қизиқ.
— Жинничами?
— Йў-ўқ. Ҳечам унақамас. Сизни нимага чиқариб юборишмаяпти, ҳайронман. Сизга яна янги дорилар буюришибди.
— Кучлироқми? Яширмай айтаверинг. Кучлироқ дори буюрган. Кеча бошлиғингизга қараб туриб: «Сизни сўйса етмиш кило гўшт чиқса керак», девдим. Қўрққанидан кўзи олайиб кетди.
— Нимага шу гапларни айтасиз-а?
— Кимгадир қитмирлик қилишим керак-ку? Келинг, қўйинг, бу гапларни. Дафтарингизга «шу кучли дори билан эмлаб қўйдим» деб белгилайверинг. Бунинг эвазига битта латифа айтиб бераман.
— Яна жиннилар ҳақидами, керакмас.
— Сиз эшитинг, бу янгиси. Хуллас, бир жиннихонада жиннилар тузаладими ё йўқми, билмоқчи бўлишибди. Жинниларни самолётга жойлаб осмонга учиришибди-да, қўлларига бўш шишалар тутқазишибди. Бир маҳал қарашса, салонда бир киши ўтирганмиш. Бошқалар қани, деб сўрашса, шиша топширгани кетишди, дебди. Сен-чи, деб сўрашса: «Нима, мен жинниманми, бугун душанба, магазин ишламайди», дермиш. Ҳамшира кулиб, юзини четга бурди.
— Агар мени олиб чиқишса, шартта ташлаб юборар эдим, — деди Анвар.
— Қўйинг-э, — деди ҳамшира. Назарида Анвар чиндан ҳам осмондан ўзини ташлаб юборадигандай туюлиб чўчиб тушди. — Кириб бир оз дамингизни олинг. Анвар унга маъюс тикилди. У белгиланган дориларни ичмаслик, эмлатмаслик учун ҳамшираларнинг кўнглини кўтаришга, кулдиришга ҳаракат қилар эди. Кейин эса ўзининг масхарабозлигидан ғижиниб, ранжирди. Ҳозир ҳам шундай бўлди. Ҳамширани кулдирди-ю, ўзи эзилди. Энди ортиқча гапга ҳожат йўқлигини англаб, хасталар ётоғига қараб юрди. «Агар осмонга олиб чиқишса, ўзимни ташлардим, худо ҳаққи, ташлардим. Бу ердан қутулишнинг бошқа чораси йўқ», деб ўйлади.

2

«Сизни йўқлашяпти» деган гапни эшитиб ажабланди. «Ким йўқлаши мумкин? Якшанбадан бошқа кунларда бу ерга ҳатто Азроил ҳам киритилмасди-ку?» Табиббошининг хонаси томон юришгач, Анварнинг хаёлига «халқ отасими?» деган фикр урилиб, тўхтади. «Нима ҳунар кўрсатаркин? Мени бу ердан бўшатадими ё учинчи қаватга йўллайдими?»
— Юраверинг, — деди ҳамшира, унинг тўхтаб қолганидан ажабланиб. Остона хатлаб ичкари кирди-ю, кўзларига ишонмади. Элчин! Ўн йиллик айрилиқ жиннихонада барҳам топар, соғинган кўнгиллар шундай жойда қониқар, деб ким ўйлабди?! Анварнинг Элчинга ёзган хатлари жавобсиз қолаверди. У дўстини кўриш илинжида ҳатто Учқудуққа ҳам борди. Бироқ, Элчин у билан учрашишни хоҳламади. Кейин уни Сибир томонларга жўнатишди. Анвар: «Ошнам мендан қаттиқ хафа экан-да», деган хулосага келишдан ўзга чора топмади. Ана шу дўсти, хатларига жавоб қайтармаган, кўришишни истамаган қадрдони жиннихона табиббошисининг хонасида унга жилмайиб қараб турса! Ҳарҳолда узоқ айрилувдан кейинги бу дийдор кўришув айтарли ширин кечмади. Элчин унга соғинч тўла кўзи билан тикилар, Анвар эса бу қарашга ўзгача маъно бериб, «соғманми ё ростдан жинниманми, шуни аниқламоқчими?» деб ўйлар эди. Шу хаёли ўзи учун ҳақиқат туюлиб, ўзини жинниликка солди:
— Мана, ошна, — деди у кулиб, — шу оромгоҳда давлатнинг текин овқатини еб ётибман. Беш кун ишламаймиз, икки кун дам оламиз. Келажаги порлоқ ҳаваскор жиннилар юксак онглилик намуналарини кўрсатмоқдалар. Ҳалигача бирорта дўхтирни еб қўйишгани йўқ, — у шундай деб табиббошига қараб қўйди. — Мен бу ерда дунёнинг тузилиш формуласини ишлаб чиқдим. Биргина масала қолди: шу опамни сўйсам, неча кило гўшт бераркин? Чамамда етмиш кило. Нима дейсан? Калла-почалари бунга кирмайди. У шундоқ деб дўмбоққина, оппоққина табиббошига кўзларини лўқ қилиб олди. Элчин унинг бу аҳволига ишониб-ишонмай бир оз ўзини йўқотди. Сўнг табиббошига қараб, илтимос қилди:
— Мен ошнам билан гаплашиб олай, малол келмаса сиз чиқиб туринг. Табиббоши малол келганини яширмай чимирилиб қўйди. Элчин буни сезиб энди қатъийроқ, буйруқ оҳангида деди:
— Сиз ҳужжатларни тўғриланг, ҳозир кетамиз.
— Мен дарров чиқара олмайман, яхши йигит. Маслаҳатлашиб олишим керак.
— Маслаҳат пишган! — деди Элчин овозини бир парда кўтариб. — Асадбек иккита гапни ёқтирмайди. Табиббошининг ранги бўзарди. Лаблари титради. Бинойи кийинган, хушсурат бу йигит кириб келганида табиббошининг тош юраги юмшаган эди. Бу қорақош йигит кўзларини сал сузиб қараса, унча-мунча аёл зоти дош беролмай қоларди. Олти йилдан бери беваликнинг тахир ошидан безган табиббоши учун биргина шундай қараш етарли эди. Аммо «Асадбекнинг истаги билан келдим», деган гапдан баданига муз югурди. Асадбекнинг кимлигини, қўлидан нималар келишини ҳеч ким билмаса ҳам шу аёл билади. Бевалик унвони ҳам унга шу Асадбек истаги билан берилган. Асадбек турган жойда «халқ отаси»нинг сариқ чақачалик қадри йўқлиги ҳам табиббошига маълум. Бу хушсурат йигит, хотинини ўлдириб қамалиб кетганидан кейин ҳам шуҳрати сўнмаган бу машҳур қўшиқчики Асадбек билан боғлиқ экан, кичкина жиннихонанинг бошлиғига тайсаллашни ким қўйибди?! Табиббоши ношуд, бефаҳм аёллардан эмас эди. Буни дарҳол тушуниб етди. Рангининг бўзаргани, лабларининг титраши ғазабдан эмас, қўрқувдан эди. У ортиқча гап айтиб юборганини сезди. Ўзини оқлаш, Асадбек истагига зид иш кўриш нияти йўқ эканини маълум қилиш учун гапни бошқа томонга бурди:
— Ўртоғингизни билмаган одам ҳозирги ҳазилларини эшитса, ростданам... — «жинни» дейишга унинг тили айланмади, — ҳалидақа деб ўйлайди. Элчин аёлнинг мақсадини англади. «Бу бечора бир ижрочи, дилини вайрон қилиб кетмай», деган фикрда жилмайди, орадан совуқ гап ўтмагандай ҳазил оҳангида деди:
— Бу ошнам шунақа ҳазилкаш. Асли артист бўлиши керак эди-ку, Худо уриб олим бўлиб қолган. Яна шоирлиги ҳам бор. Эсингдами, Анвар, мактабда «Тумов бўлган ошиқ» деган шеъринг бор эди. Ўқиганда кулавериб ичаклар узиларди.
— Сен ҳам яхши бола эдинг, Худо уриб ашулачи бўлиб қолгансан. Анвар бу гапни жуда совуқ оҳангда айтди. Элчин унинг кўзидаги совуқ нурни кўриб, нафаси қайтди. Ўзини мажбурлаб кулиб, табиббошига тушунтирган бўлди:
— Бунга гапиринг-у, қочинг. Гапи шунақа, жонни суғуриб олади.Зўр-да, зўр. Ҳа, сиз ҳужжатларини тўғрилайверинг. Табиббоши ҳам зўраки жилмайиб, чиқиб кетди. Ҳоли қолишгач, Элчин гапни нимадан бошлашни билмади. Орадаги сукутни Анвар бузди.
— Мени Худо ургани рост. Лекин сен айтганча эмас. Олим, балки бир оз шоир бўлганим учун урган. Мен бу дунёдан ҳақиқат топарман деб юрган эдим.

Шоир бўлиб туғилмасайдим,
Кўрмас эдим бунчалар хўрлик...
— Анвар, қўйсанг-чи, ҳазиллашдим-ку? Шунча йиллик айрилиқдан кейин бир ҳазиллашсам...
— Мен сени соғиндим... Хатларимга нима учун жавоб бермадинг? Мени кўришни ҳам истамаган эдингми?.. Энди нимага келдинг? Мен сени қутқаришга ожиз эдим. Энди сен мени озод этмоқчимисан? Унамасам-чи?
— Анвар, хатларингга жавоб бермай, Учқудуқда кўришишга чиқмаганимнинг сабабини бошқа сафар айтиб берай. Мана бу еримда, — Элчин кўкрагини муштлади, — жон қолмаган, зардобга тўла. Дардим тўлиб-тошган, сенга айтмасам кимга айтаман?
— Ноилани сен ўлдирмаган эдинг. Бунга ҳамманинг ақли етиб турувди. Сен унинг руҳига хоинлик қилдинг.
— Мен қамоқ муддатини ўтаб қайтдим. Ўзим чиқарган ҳукм эса ҳали ижро этилгани йўқ. Жазоимни тортиб юрибман. Агар ўшанда отишга ҳукм қилишганида биратўла қутулар эдим... — Элчин шундай деб хўрсинди.

Анвар унга тикилди: сочларига оқ тушган, мижжалари атрофини ажин босган. Руҳини тетик кўрсатишга интилаётган бўлса ҳам, кўзларидан нур қочган. Қарашларида илгариги жон йўқ...
— Отишганида хоин сифатида ўлиб кетардинг.
— Жон ошнам, мени қийнама. Ҳозир менга ёрдаминг керак.
— Ўз кучинг билан мени бу ердан чиқариб кетганингда раҳмат айтардим. Сен бир боши бузуқнинг марҳамати билан менга озодлик бермоқчи бўлибсан. Миянг айниб қолибди. Мен ҳали сенга дунёнинг формуласини топдим, дедим. Бу сен ўйлагандек жиннича ҳазил эмас. Чиндан ҳам топганман. Эшит: ҳақиқат деган нарса бу нўл! Дунёни кўзга чиройли кўрсатиб берувчи ниқоб, чойшаб. Ўликнинг устига гулли чойшаб ёпиб қўйганинг билан мурда чиройли бўлиб қолмайди-ку, тўғрими? Ҳаётда ҳеч қандай ўзгариш йўқ. Фақат чойшабнинг номи ўзгариб туради. Чойшабнинг ҳозирги номи нима, биласанми? Қайта қуриш!
— Анвар, қўй, бу гапни кейин гаплашамиз.
— Йўқ, эшит, менинг нимадан жинни бўлганимни билишинг керак. Демак, дунёнинг формуласи: ҳақиқатни икс деб турайлик, — Анвар стол устидаги қоғозни, чиройли қаламни олиб тез-тез ёзди-да, Элчинга узатди. — Мана, қара:

Ҳ(ҳақиқат) = хиёнат + риё + (ҳасад+очкўзлик) + адоват + ғийбат + нифоқ + шуҳратпарастлик + мансабпарастлик — виждон + иймон + ҳаё = 0

Элчин қоғоздаги сатрларга узоқ тикилиб қолди. Сўнг уни икки буклаб стол устига ташлади.
— Ўрисларда бир мақол бор: Американи иккинчи марта кашф этмайдилар. Оддий ҳақиқатни кимга исбот этмоқчисан? Дунёда ҳамма нарса нисбий. Мен фалончига нисбатан инсофлиман, сен эса менга нисбатан, яна бир одам сенга нисбатан инсофлироқ. Ҳар биримиз ҳақиқатни ўзимизча тушуна-миз.
— Бизнинг нодонлигимиз ҳам шу тушунчалардан сув ичиб кўкаради.
— Бўпти, сен ҳақсан. Баҳслашган билан қорин тўймайди. Нарсаларингни йиғиштир.
— Мен... кетмайман. Менга шу ер ёқиб қолди.
— Жиннилик қилма.
— Йўқ, шу имкониятдан фойдаланмасам, чиндан ҳам жинни бўламан.
— Бу ишга Асадбек аралашганини билмасанг индамай чиқардинг. Мен атай айтдим. Билиб қўйишинг керак буни... Сени бу ерга жўнатган одамга фақат Асадбек бас кела олади, — Элчин шундай деб бошини эгди. Худди ўзи билан ўзи гаплашаётгандек давом этди: — Қайтган кунимоқ сеникига бордим. Ўлардай соғинувдим. Сўнг... айтадиган гапларим кўп эди сенга. Мен энди пулга муҳтож бўлмайман. Болалигимизда сен кучли эдинг. Мени ҳимоя қилардинг. Ҳозир бу ҳимояга муҳтож эмасман. У томонда орттирган ошналарим бор. Сен ёнимда бўлсанг бас. Нафасингни ҳис қилиб турсам бўлгани. Мен адолатга сиғинай десам, қайга бораман, ҳақиқатга сиғинай десам, қайга бораман? Эзгуликка-чи? Билиб қўй, мен учун ҳаммаси — сенсан! Кейин, мен сени бу ҳолда ташлаб қўймайман. Мен хунхўр одамман. Ҳа, Ноилани мен ўлдирмаганман. Лекин у менинг аблаҳлигим туфайли ҳалок бўлди. Шунинг учун жазо олишим керак эди. Бу — бир. Иккинчидан, бегуноҳлигимни исбот қила олмас эдим. Улар бунга йўл қўймас эдилар.

Биламан, ўлим жазосини ўшалар бекор қилишган. Менга яхши бир сабоқ беришмоқчи эди. Сабоқ олдим. Лекин улар мўлжаллаган хулосага келмадим. Энди менинг суратим одам. Аслида эса, мен илонман! Уларни бўғиб қийнайман, сўнг қонини сўраман. Мен уларнинг кўзларини ўяман, тилларини суғураман, қўлларини синдираман, қулоқларига қўрғошин қуяман. Умримнинг мазмуни ҳам, тотадиган лаззатим ҳам шу! — Элчин хўрсиниб, Анварга қаради. Унинг кўзида ёвузлик ўти чақнади. Энди у ёш дилларни вайрон қилувчи «лирик хонанда»га сира-сира ўхшамас эди. Анвар унинг сўзларини эшитиб, кўзларига тикилди-ю, бир сўз айтмади. Элчин ундан жавоб кутмай гапини давом эттирди:
— Сен менга кераксан. Рад этишга ҳаққинг йўқ. Бу дунёдаги умрим ўлчовли, мени ранжитсанг гуноҳга ботасан, билиб қўй.

Анвар жавоб қайтармади. Оғир кулфат тоши елкасидан босиб тургандай букчайганича ўтираверди. У дўстининг мақсадини тушунди. Асадбек ҳузурига бош эгиб боришининг маъносини ҳам англади. Элчин жонини тикиб, хавфли ўйинга кирган эди. У уч бошли аждаҳони енгиш қасдида чиққан уловсиз, яроғсиз паҳлавон ҳолида эди. Бир пайтлар бу аждаҳо кўзига фаришта бўлиб кўринган эди. Анвар «Адашяпсан!» деб уни йўлдан қайтаришга кўп уринди. Аммо ҳаракати зое кетди. Энди-чи? Энди нима қилсин? Яна йўлдан қайтаришга уринсинми? Илгари Элчиннинг кўзлари ожиз эди. Энди кўра-била туриб, ўлимга рози бўлиб кетяпти.

Анвар бир қарорга кела олмай доғда эди. Шу боис бошини кўтариб ўйчан кўзларини дўстига қадади.
— Сенинг орқангда тоғ бўлиши керак. Мен... афсус, тоғ эмасман. Бир тошчаман. Ҳаёт мени эрмак қилиб ўйнаб, истаган пайтда улоқтириб ташлаши мумкин. Менга ишонма.
— Яхши, буни кейин гаплашамиз. Бу ер масала сўқишадиган жой эмас. Тур, лаш-лушларингни йиғиштир.

Анвар ҳазин жилмайди.
— Мен кетмайман.
— Истасанг, сени бу ерга жўнаттирган ит эмганларнинг ҳаммасини ҳайдаб келиб, қаршингда тиз чўктираман.
— Бундан нима фойда? Шу билан инсофга келишади, деб ўйлайсанми? Ўзингни ҳам, мени ҳам қийнама, оғайни.

Элчин тиззасига уриб, ўрнидан туриб кетди.
— Қайсарлик ҳам эви билан-да... — у бир оз жим қолди. Сўнг Анварга яқинлашиб, уни елкасидан тутди.— Ҳеч бўлмаса бир кунга чиқарсан. Тўйимга борарсан, куёвжўра бўларсан?

Бу гапдан кейин Анварнинг кўзларига инсоф нури қайтиб, юзига қизиллик югурди.
— Уйланяпсанми? Қутлуғ бўлсин. Шуни олдинроқ айтмайсанми? Хўп, бир кунга чиқаман. Кимга уйланяпсан, сир эмасми?

Элчин янгиликни эшитиб қочиб кетмасин, дегандек Анварнинг елкасини янада маҳкамроқ ушлади:
— Асадбекнинг қизини оляпман, — деди дўстига тикилиб.

Элчин «жодугар кампирга уйланяпман» деганида Анвар бунчалик ҳайратланмас эди. Лекин Асадбекнинг қизига уйланиш!!! Тўғри, Элчин хушсурат йигит, аввалги шуҳрати ҳам унчалик сўнмаган. Энг лобар қиз ҳам унга жон-жон деб тегиши мумкин. Лекин Асадбекнинг қизи?.. Қиз хоҳлаган тақдирда ҳам, Асадбекнинг рози бўлиши?.. Анвар учун бу ечими оғир жумбоқ эди.

3

Аслида эса бу жумбоқнинг ечими унчалик оғир эмас. Ечимга Ноила ўлдирилган тунда киришилган бўлса-да, ҳал қилувчи палла деб 1988 йил 31 декабрни белгилаш мумкин.

Отасини олиб кетишганидан бери, ўттиз биринчи декабр, насарий ҳисобидаги янги йил кечаси Асадбек учун мотам тусини олган эди. Улғайиб, уйланиб, бола-чақали бўлганидан кейин ҳам, атрофида одамлар тўпланиб, қудратли кучга айланганидан кейин ҳам йилнинг сўнгги кунида ёлғиз қолар эди. Бу куни уни ҳеч ким безовта қилмасди. Аниқроқ айтсак, бу куни унга биров юрак ютиб бетлай олмасди. Бу куни у энг муҳим ишларини ҳам четга йиғиштирарди.

Олди пешайвон, икки хонали ўша эски уйига бориб, чироқларни ёқмай, танчага чўғ ташламай тонг оттирарди. Янги йил кечаси унинг энг сара, энг содиқ тўрт йигити учун ҳам ҳаром эди. Уларнинг иккиси кўчанинг у бошида, иккиси бу бошида сергак турарди. Шу тун қор тугул тош ёғса ҳам, совуқ минг даражага чиқиб кетса ҳам бу ҳол ўзгармас эди.

...Асад ўша кеч отасининг айтганини бажармади — қўшниси Жалилларникига чиқмади. Назарида ҳалиги одамлар ҳазиллашгандай, дам ўтмай отаси қайтиб келадигандай туюлди... Ана, кўча эшик «ғийт» этиб очилди. Ана, дадаси ҳалиги икки киши билан бирга кулиб кириб келди. «Қалайсан, тойчоқ! Менинг ўғлим азамат, ҳеч нарсадан қўрқмайди, десам, булар ишонишмай, мен билан гаров ўйнашган эди. Синаб кўриб ютқизишганини тан олишди. Қойилман сенга, уларни бопладинг!» Шундай деб дадаси уни ўпди... Кўча эшигига илҳақ тикилиб ўтирганида кўзига кўриндими ё бир зумгина мудроқ енгган чоғида ширин туш кўрдими — фарқлай олмади. Ҳар ҳолда дадасининг қайтишига қаттиқ ишонди. Танча совуди. Чироқни ёқмади. Қўрқмади. Ишонч қўрқувдан устун келди. Нигоҳи қоронғилик бағрини титиб, тимирскиланиб кезди. Ой кўтарилгач, ҳовлини қоплаган қор оппоқ оқариб атрофни ёритди. Ой нури синган кўзи ўрнига қоғоз қопланган дераза орқали уйга ҳам кирди.

Кўча эшик эрталабгача қилт этмади. Дадасининг кетиши ҳазил эмас, чинга айланаётган дамда кўча эшик очилди. «Дадам!» У ирғиб ўрнидан турди-ю, эшик оғзида ошнаси Жалилни кўриб, ўша заҳоти жойида қотди. Жалил ҳовлига кириб, бир-икки қадам босгач, тўхтаб атрофга аланглади. Унинг бунақа одати йўқ эди. Тўғри уйга кириб келаверарди. Ҳозир эса бир нарсадан қўрқиб тўхтади.
— Асад!

Жалил ҳовлига кириши билан шундай деб бақириб қўйиб, уйга қараб юрарди. Бу сафар паст овозда, бировни чўчитиб юборишдан қўрққандай аста чақирди. Жавобни кутди. Сўнг яна ўша овозда «Асад», деб қўйди.

Асадбек ўртоғини кўриб йиғлаб юборай деди. Баданидан ўтган совуқни ҳам энди сезди. Қўрқув ҳам энди исканжага олди.

Жалил яна чақирди. Жавоб бўлмагач, изига қайтмоқ учун ўгирилди. Шунда Асадбек жонҳолатда «Жалил!» деб бақирди-да, ҳовлига отилди. Жалил ранглари оқарган, кўзлари киртайган, кўкарган лаблари титраётган ўртоғини кўриб бақрайиб қолди. Кейин югуриб келди-да, қўлларини ушлади.
— Совқотдингми? — деди соддалик билан.

Асадбекнинг кўзларидан тирқираб ёш чиқди. Ҳўнграб юбормаслик учун пастки лабини қаттиқ тишлади. Ўзидан каттароқ ёки зўрроқ боладан калтак еса ёхуд ўйин чоғи йиқилиб у ер-бу ери оғриса йиғлаб юборарди. Кузда бирданига ўн еттита ёнғоқни ютқизганида ҳам аламидан йиғлаб юборувди. Ҳозир ўзини йиғидан тутди. Вужудида ўзи ҳам англамаган куч уйғониб ундаги йиғини бўғди. Ҳозир дадасини олиб кетганларини, янги йил кечаси қоронғи, совуқ уйда бир ўзи ўтирганини айтиб йиғласа ҳам ўртоғи айбламасди, калака ҳам қилмасди. Бу ҳолатни у кейин, улғайган чоғларида кўп эслади. Йиғини бўға олган қандай куч экан, деб ўйлади. Аммо ўйлаб ўйига ета олмади. Бу ғойиб кучи уни фақат йиғидан тўхтатмай, ожизлигини ҳам енгган, сирли қудрат ҳам берган эди. Ўша онда у мутелик кишанини ўзи билмаган ҳолда парчалаган эди. Шу билан бирга инсон боласига хос энг покиза туйғуларни қувган ҳам эди. Қоронғи кечада унга қўрқув яқинлашмади, лекин митти юрагига ёвузлик тухум қўйди. Ёвузликнинг биринчи овозини ўртоғи Жалил эшитди:
— Уларни ўлдираман!..

Титроқ, йиғи аралаш овозда айтилган бу сўзни эшитиб, Жалил қўрқиб кетди. Кўчада жанжаллашиб қолишганида «қараб тур, ўлдираман сени» деб кўп марта айтишган. Ўлдириш қанақа бўлишини билишмас, шу боис ҳам бу пўписадан чўчишмас эди. Аммо Асадбекнинг лабидан учган ҳозирги сўзлар... Булар пўписа эмас, амалга ошиши ҳақ бўлган ҳукм эди...

Ўшандан бери янги йилнинг биринчи куни Жалил бу хонадонга киради. Асадбекнинг онаси вафот этган йили ўттиз биринчи декабр оқшомида чиққан эди, «мени холи қўй», деб изига қайтарди.

1949 йилнинг 31 декабри Асадбекка «ҳаёт бешафқат, ҳаёт нақ урушнинг ўзи, оғзингни очиб лалайганинг — ўлганинг», деган ҳақиқатни ойдин қилиб берган эди. Ўша куни у урушга кирган эди. Орадан йиллар ўтиб, урушда мутлақ ғолиб бўлдим, деган тўхтамга келиб эди. Ғалабасига ишонган эди. Кутилмаганда мутлақ ғолиб эмаслиги маълум бўлиб қолди.

Икки кун бурун қизи ўқишга кетди-ю, қайтмади. Йигитлари шаҳарнинг тити-питини чиқариб ҳам топишолмади. Қиз ўқишда бўлган, танаффусдан сўнг эса дарсга қайтмаган. Ота-онадан хафа бўлиб ёки бирон кўнгил қўйган йигити билан қочди, деган фараз Асадбек учун беҳуда эди. Асадбек ғанимлари учун тошбағир, фарзандлари учун ғоят меҳрибон эди. Аммо меҳрнинг чегарасини билар, болаларини эркалатмасди. Шу боис қизнинг енгилтаклик билан қадам босишига ишонмасди.

Ғанимлари билан ҳар кун, ҳар соат олишувчи, ҳар дақиқа бирор фалокат рўй бериши мумкинлигини ҳисобда тутиб яшовчи одам нохуш дамларда тез фикрлаш, тез хулоса чиқаришга одатланади. Асадбек ҳам тезда бир тўхтамга келди: унинг ҳокимлиги туздан ясалган қаср экан. Ёмғир ёққан маҳали қасрнинг эриб битишини ҳисобда тутмаган экан. Қизининг ўғирланиши (айнан ўғирланганига Асадбек шубҳа қилмайди) ана шу ёмғирдан нишон эди. Қизининг ўғирланиши яна бир нарсадан — шаҳарда янги тўда пайдо бўлганидан ҳам дарак эди. Асадбек фақат шаҳардаги эмас, бутун ўлкадаги йирик тўдаларни билади. Барча тўдабошилар «Асадбек!» деганда унинг ҳурматини жойига қўйишади. Айримлар эса қўрқувдан зир титрашади ҳам. Асадбекка қарши бирор иш қилиш у ёқда турсин, шаънига мос келмайдиган хунукроқ сўз айтишдан ҳам чўчишади. Уларга «худо бор», десангиз, ишонишмас, лекин «деворнинг қулоғи бор», десангиз, ишонишади. Уларнинг назарида дарахтларнинг, ҳатто ўт-ўланларнинг ҳам қулоғи бор. Тилдан учган ҳар бир ножўя сўз Асадбекка етиб боришини билишади. Улар Садирқиморбозга ўхшаб ўлим топишдан қўрқишади...

...Садирқиморбоз водийда бели бақувват йигитлардан эди. Бир кечада бир ярим миллион ютиб олиб, катта зиёфат берди. Шунда манманлиги тутдими ё ажал тилини қичитдими: «Асадбекларинг менга қуллуқ қилиб келсин. Истасам, олдига бир бурда нон қўяман, истасам, суяк ташлайман», деб юборди. Садирқиморбоз бу сўзларни кайфнинг кучи билан айтди-ю, унутди. Икки кундан кейин кўчаларида асфалт босадиган машиналар, эгнига пушти камзул кийган ишчилар пайдо бўлишди. Ўтган ҳафта у ижроқўм раҳбаридан бирига «бизнинг кўчага ҳам сон битадими ё йўқми», деган эди. Кўчадаги ҳаракатни кўриб, «бизнинг гапимиз ҳам ерда қолмайдиган бўлибди», деб ғурурланиб қўйди. Қўни-қўшнилар «пулнинг кучи шу-да, қиморбоз бўлмаганида кўчамизга ит ҳам, бит ҳам қарамас эди», дейишди. Узун кўча икки кунда асфалтланди. Ўша кундан эътиборан қиморбоз ҳам кўринмай қолди. Қиморбоз «сафар»га кетса, бир-икки ойсиз қайтмас эди. Буни қўни-қўшнилар ҳам билишарди. Лекин бу гал беш-олти кундан кейинроқ «қиморбоз ҳеч ерда йўқмиш», деган мишмишлар тарқаб қолди. Ўн кундан кейин эса Садирқиморбознинг уйи сотиладиган бўлди. Унинг хотини уйга харидор чиқишини ҳам кутмай: «Садир акамлар катта шаҳардан жой олибдилар», деб кўч-кўронини юклаб жўнаб кетди. Ҳамшираликка ўқиб, турмушга чиққунича бир йилгина ишлаган аёлнинг катта шаҳардаги жиннихонага бошлиқ бўлиб қолганини эшитган қўни-қўшнилар ҳайратдан ёқа ушлашди. Айримлар «пулнинг кучи шу-да», деб қўйишди. Шу кўчадан кўп қатнайдиган аравакашлар қиморбознинг уйига яқинлашганда отларининг ҳуркишидан бир нимани сезишди-ю, аммо «астағфируллоҳ!» деб қўйишдан нарига ўтишмади. Ҳаммага ҳам жон ширин-да!

Асадбекни билганларга шу воқеанинг ўзиёқ кифоя эди. Унинг қудратига ишонқирамай турганлар ҳам таъзим қиладиган бўлишди. Чунки Асадбек манмансираган ғанимдан бу атрофлар учун бутунлай янгича бўлган, ғоятда ваҳший тарзда ўч олган эди.

Шундай экан, Асадбекка ким қўл кўтара олиши мумкин? Қўл кўтарганда ҳам пичоқни дуч келган жойга эмас, юракни мўл урибди. Асадбек ҳар бир тўданинг имконияти, иш усулини фикр ойнасидан ўтказиб, «йўқ, улар журъат этишолмайди», деган қарорга келди.

Бу иш тасодифан рўй берган эмас. Пухта ўйланган. Узоқ вақт пайт пойланган. Балки ғанимга Асадбекнинг яқинларидан бири ёрдам бергандир? Қиз куппа-кундуз куни, кўпчилик орасидан ўғирланган. Демак, қизи кўчага чиқиб, машинага қадар ҳам ўзи юриб борган. Қизи танимаган одамнинг орқасидан юриб бормайди.Қизининг дугонаси ҳам ном-нишонсиз йўқолгани маълум бўлгач, Асадбекка калаванинг бир учи кўрингандай эди. Ана шунда Асадбек кейинги бир йил ичида қамоқдан қайтганлар билан қизиқди.Элчиннинг ҳам қайтганини билиб ўйланиб қолди: «Орадан ўн йил ўтибдими? Икки ойдан бери нима қилиб юрибди экан, нима учун менга рўпара келмади? Отувдан олиб қолганимни аниқ билади. Била туриб келмагани қизиқ...» Асадбек йигитларига Элчинни, қамоқдан қайтган яна беш одамни қаттиқ назорат остига олишни тайинлади.

Кўнгли нотинч бўлганига қарамай, ўттиз биринчи декабр куни эски уйига қараб кетди.

Асрдан ўтиб, шомга яқинлашган пайтда кўча эшиги очилиб, хотини кўринди.

Дадаси ҳам худди шу пайтда кириб келган эди. У эшикни шарт очиб, ичкари кириб, «тойчоқ!» деб суюнчилаган эди... Хотини эса эшикни оҳиста, худди синдириб қўйишдан авайлагандай очди. Ҳовлига ҳорғин-ҳорғин қадам ташлаб кириб келди.

Дадаси кўринганида болалигига бориб, ёт кишиларни бир нафасгина унутиб, ирғиб ўрнидан турган эди.

Хотини кўринганда эса... тош қотди. Иссиқ жон оёқ-қўлларини тарк этиб, баданига совуқлик югурди. Дастлаб хаёлига «қизим топилибди!» деган хушхабар келди. Аммо бу фикр умри яшин умридан ҳам қисқа бўлди. «Шум хабар келтирган!» — шу фикр унинг танасидан жонни қувиб чиқара бошлади.

Манзура — эрининг кўзига бирон марта бўлсин тик қарамаган, бирон марта бўлсин ишига аралашмаган, «нима қиляпсиз, пулни қаердан топяпсиз» демаган, «вазифам эримни суйиб-эркалаш, бола туғиб бериш, уйни саришта тутишдангина иборат» деб билган аёл ёстиқдоши учун муқаддас бўлган бу кунда уни бежиз безовта қилмас эди.

Кўча эшикдан айвонгача ўн беш қадам, айвон икки қадам. Асадбекнинг назарида Манзура бу йўлни бир неча соатда босиб ўтгандай бўлди. Аввалига «тезроқ юр!» деб бақириб бермоқчи эди. Аммо совуқ хабарни бир сония бўлса-да, кечроқ эшитганим маъқул, деган яширин ўй бунга йўл қўймади.

Манзура остона хатлаб қадам қўйишга журъат этмай, эрига бақрайиб қараб қолди. Унинг қарашида изтиробдан кўра қўрқув зоҳир эди. Асадбек у билан салкам ўттиз йил бирга умр кўриб, бирон марта урмаган, сўкмаган эди. Шунга қарамай хотини ундан қўрқарди. Одамлардан Асадбекнинг ёвузлиги ҳақидаги гапларни эшитиб юрак олдирган десак, бу овозалар кейинроқ чиқди. Асадбек чимилдиққа кириб келганида унинг кўзидаги ўтни кўргану юраги шув этиб кетганди. Ҳолбуки, у дамда Асадбек кўзида ёвузлик эмас, куёвлардагина бўладиган ҳирс ўти мавжуд эди.

Манзуранинг отаси баджаҳлроқ эди. Онаси эса ҳуда-беҳудага калтак тушиб қолишига кўникиб кетганди. Эр зоти хотинини мана шундай ураверади, деган тушунча Манзура онгига сингиб кетган, шу боис эрининг бир кунмас-бир кун қаттиқ дўппослаб қолишидан қўрқиб яшарди. У баъзида ўзича: «Бунақа қўрқиб кутгандан уриб юборганлари минг марта яхши эди. Калтак еб ўладиган бўлса, онам аллақачон ўлиб кетардилар», деб қўярди.

Асадбек хотинини беҳад ҳурмат қилади, бошига кўтариб юради, десам, сизни алдаган бўламан. Асадбекка муҳаббат бегона, десам, сиз ишонинг. Ҳаётдан аламзада юрак кўзлари ёвузлик пардасида тўсилган, муҳаббат отлиғ покиза фазилат бундай биқиқ ва қоронғи бўшлиқда яшай олмас эди. Лекин шунга қарамай, хотинига бир буюм ёки ўйинчоқ сифатида ҳам қарамас, Манзуранинг айрим қилиқлари, ишлари ёқмаганда ҳам қаттиқ гапирмас эди. Манзуранинг ҳатто «овқат тайёр» дейишга қўрқиб туришидан аччиқланиб, «болаларни ўзингга ўхшатиб муте қилиб қўйма» дерди.

Сезиб турибман. Сиз бу гапларимга унчалик ишонмадингиз. Одамни ўлимга ҳукм этганида юраги жиз этиб қўймайдиган Асадбекнинг уйда мусулмоншева бўлиши сиз учун ғалати туюлиши мумкин. Лекин мен сизга Асадбекнинг онаси ҳақида ҳали сўзлаганим йўқ. Тўнғич фарзанди эмаклай бошлаганида эрини урушга кузатган, икки ойдан сўнг қора хат олганига қарамай, беш йил йўлга кўз тиккан, оғзим ошга етди деганда эса боши тошга теккан, иккинчи ўғлини туғиб чиққанида эрининг қамалганини эшитган, сўнг «дада» деб тили чиққан Самандарнинг ўпкасини совуққа олдириб, Эгамга топширган, ҳар саҳар туриб, самовар қўйиб эрини кутган мушфиқ аёл ҳақида кейинроқ сўз очаман. Қани, айтинг-чи, онасининг дардли ҳаётини кўриб улғайган одам аёлга қўл кўтариши ёки ҳақорат қилиши мумкинми? Шунинг учун ҳам Садирқиморбознинг хотинини ёлғиз ташлаб қўймади, шунинг учун ҳам Ноилага пичоқ санчган йигитни сургун қилиб юборди, десам ишонарсиз? Ҳозир бу гапларнинг ўрни эмас. Ҳозир Асадбекнинг эски ҳовлисидамиз. Асадбекнинг ўзи нимқоронғи уйда, хотини эса остонада турибди.

Асадбек остонада туриб қолган хотинига «ишқилиб хушхабар айтсин» деган илинжда тикилди. «Тезроқ гапир!»— деди ички бир ҳайқириқ, «Йўқ, индамай турсин!»— деди бошқа бир овоз.

Эр-хотиннинг бир-бирига унсиз тикилиб туриши уч-тўрт нафас давом этди. Аммо Асадбекнинг назарида сониялар соатлар каби кечди. Беихтиёр: «Гапир!»— деди. Бироқ, овозини ўзи ҳам эшитмади. Ҳатто тили ҳам музлаб қолгандай ғўдиранди. Манзурага бу овоз ғойибдан эшитилгандай бўлди. Гапиришга мадор тополмай ютинди.

Асадбек ўзини қўлга олишга ҳаракат қилди:
— Топилдими?

Манзура «ҳа» дегандай бош ирғаб, йиғлаб юборди.
— Тирикми?

Асадбек нима учун бундай деб сўраганини ўзи ҳам билмади.
— Худога шукр, тирик...— Манзура шундай деб лабини тишлади.

Шу сўз Асадбекка жонини қайтариб берди. Шарт ўрнидан туриб хотинига яқинлашди-да, уни икки елкасидан тутиб, силкиди:
— Унда нимага йиғлайсан, нимага ваҳима қиласан?

Манзура бошини эгиб, йиғлаб юборди. Асадбек, шу пайтгача хотинини чертмаган одам, тарсаки қўйганини ўзи ҳам сезмай қолди.
— Гапир, деяпман!

Ўзини қўлга олиш учун Манзурага шу тарсаки кифоя эди.
— Менгина ўлай... қизингиз... айтолмайман, дадаси...
— Гапир, худди бўғиб ташлайман, — Асадбекнинг овози таҳдидли, бу шунчаки бир пўписага ўхшамас эди.
— Қизингизни бир аҳволда ташлаб кетишди...

Асадбек нима гаплигига тушунди. «Бундан кўра ўлдиришгани яхши эди,— деди ўзига ўзи, — бу шунчаки тасодиф эмас. Ким бўлса ҳам мени ўтмас пичоқ билан сўйди. Ўла-ўлгунимча ит азобини тотишимни истаган одам қилган бу ишни. Ўч олишни биларкан. Мени ўлдириб кета қолганда лаззат ололмасди. Энди азобда тўлғонишимни кўриб, лаззатланмоқчи... Йў-ўқ... чучварани хом санабди. Лаззатлана олмайди. Мен ўзим юрагимни суғуриб олиб чайнаб ташлашим мумкин, лекин у кўзларимда азоб учқунини кўрмайди. Бу мени жангга чақирдими, демак, курашаман!!»

4

— Унингни ўчир! — деди Асадбек дағал овозда. — Уйга бор, овозингни чиқарма. Битта-яримта сўраса... аммасиникида эди, де.
— Вой...— Манзура эрига ажабланиб қаради. — Аммаси йўқ-ку?
— Ҳе ношуд, — Асадбек шундай деб ғижинди. «Бу лалайган хотин эплаб бир баҳона тополмаса...» — аммаси бўлмаса... кўчада машина сал туртиб кетибди, де, касалхонада экан, де.. Бор... Тўхта, ким билан келдинг?
— Жамшид билан.
— Сени ташлаб, Жалилни олиб келсин.

Жалил ҳозир шаҳарнинг кунчиқар томонидаги кўпқават уйда туради. Укалари улғайиб, сиқилиб қолишгач, Асадбек шаҳар ижроқўмига биргина имо билан тўғрилаб берганини ўзи билмайди. Ишхонадагиларим лутф кўрсатишди деб қувониб юрибди. Асадбек шаҳар марказидан, ғиштли уйлардан олиб бериши мумкин эди. Бу ҳолда Жалил дарров сергакланиб, ҳомийси ким эканлигини англаб қолар ва бу марҳаматдан, шубҳасиз, воз кечарди. Қайси бир ўзбек ишчисига шаҳар марказидаги ғиштли уйдан насиб этибди — Жалилнинг бунақа икир-чикирларга фаҳми етади.

Жалил шом чоғи кириб келди. Асадбек қоронғи уйда, писиллаган танчада қунишиб ўтирарди. Дўстининг саломига жавобан бир қараб қўйиб, лом-мим демай ўтирган ерида қўл узатди. Жалил Асадбек йўқлаётганини эшитибоқ нохуш воқеа юз берганини сезган, «Нимага? Нима бўлди?» деб ўтирмай, норин тўғрашни ҳам йиғиштириб, чаққон отланган эди. Ошнасининг қунишиб ўтирганини кўриб, хунук воқеа юз берганига ишонч ҳосил қилди. Шу сабабли ҳам Асадбекдан ранжимади. Бошқа пайт бўлганида «Азроилнинг қавмидан бўлсанг ўзингга, мен билан одамга ўхшаб сўраш!» деб бобиллаб берарди. Асадбекка бу ёруғ оламда шу Жалил бас келиб тик гапира олади. Жалил кези келса отасини ҳам аямайдиган, гапирганда ҳам ҳамиша баланд пардада оладиган тоифадан. Бурни бир оз пучуқ, юзи думалоқдан келган, қалин қора қошли бу одам хунук кўринса-да, бежирим бурун, бежирим лаб, бежирим юзли одамларга нисбатан истаралироқ эди. Лекин у Асадбекка яқин бўлгани учун аъёнлар ҳам астойдил уни ҳурмат қилишади, десак адашамиз. Ҳурматнинг сабаби бошқа: ҳаётнинг қалтис ўйинларида иштирок этаётган, ҳамиша тиғ устида юриб, эртага кимнинг қаҳрига учраши-ю, кимнинг фатвоси, кимнинг қўли билан умрларига нуқта қўйилишини билмай ҳамиша хатарда яшайдиган аъёнлар бу беғубор одамнинг рост гапларини эшитганларида ўзларини дунё ташвишларидан бир оз фориғ бўлгандай ҳис этардилар. Аммо Худонинг бу адашган бандалари инсон умри фақат яхши гаплар учун, яхши ишлар учун берилганини англаб етмас эдилар. Асадбекнинг юрак кўзини алам, қасос ўти кўр қилган, уларнинг аксари эса мол-дунё, шуҳрат, маишат илинжида ожиз эдилар. Жалил буни билгани учун ҳам уларни аямас эди. Тўғри, баъзан у қуюшқондан чиқади. Уларнинг, ҳатто Асадбекнинг ҳам ҳамиятига тегади. Шундай бўлса-да, уни кечиришади. Бошқа одам Жалилнинг тилидан учган гапларни айтиб юборсами — ҳукм тайин. Аммо Жалил бу даврада, ўз ибораси билан айтганда «шайтонсарой»да, мозий ёдгорхонасининг қирилиб кетаётган покизалик рамзи сифатида сақланувчи анжоми каби асралади.

Асадбек кўпинча, дам хурсандчилигида, дам кўнглига қил сиғмай қолганида Жалилни йўқлатарди. Йўқлов борганда у «хўжайинингнинг кайфияти қандоқ?» деб сўрайди. «Аъло» деган жавобни эшитса, «мени кўрмоқчи бўлса, ўзи келсин» дейди. «Чатоқ» дейилса, «Сен кетавер, мени онам машинада туғмаган, автобусда бораман», деб йўлга отланади. Асадбекнинг бугун — 31 декабрда чақиртиргани уни ҳам ажаблантирди, ҳам бир оз ташвишга солди. Шу сабабли юборилган машинага ўтириб келаверди.
— Ҳа, укам, тинчликми? — деди Жалил, фотиҳа ўқилгач.

Асадбек аста «ҳа» деб бош ирғаб қўйди. У Жалилни чақиртиришга чақиртириб, гапни нимадан бошлашни билмай гаранг ўтирарди. У дардини фақат шу ошнасига айта оларди. Уни шунинг учун ҳам чақиртирган эди. Ғанимлар қизининг эмас, ўзининг номусини булғаганини англагани учун ҳам дардини айтиш оғир эди.

Ташқарида қор бўлмагани, ой кўтарилмагани учун атроф тезда зимистонга айланди.
— Самандар ўлмаганида қирққа қадам қўярди, — деди Асадбек, ҳорғин овозда. Жалил бу ҳорғинлик замирида титроқ ҳам сезди. Жуда кўп йиллардан бери ошнасини бу ҳолда кўрмаган эди. Шу сабабли дарров жавоб қайтаришга сўз тополмади.
— Ҳа, энди... умри калта экан... Ҳур кетди, — деди.
— Бу оламда на акам бор, на укам... ёлғизман...
— Гапинг уйингдан ҳам совуқ, а? Одам ҳам ёлғиз бўларканми? Фақат Худо якка! Сенинг бола-чақанг бор, акам йўқ дейсан, мен кимман, катта холангнинг эриманми?

Ярим пўписа, ярим ҳазил оҳангидаги бу гап орадаги совуқликни пича кўтаргандай бўлди.
— Акамсан, сен акамсан...— деди Асадбек ўзини жилмайишга мажбур қилиб. Лекин бу ҳазин жилмайишини қоронғилик ютиб юборди — Жалил ҳам кўрмади. — Самандар тирик бўлганида...
— Тўхта! Гапни чайнама. — Жалил унинг тиззасига шап этиб урди. — Дипломим бўлмаса ҳам миям ишлаб туради. Ўзингни қийнама, бўладиган гапдан гапир. Самандарни Худо раҳмат қилсин. Сен билан мен бир қоп-бир қоп гуноҳни орқалаб борамиз у ёққа. Самандар эса бегуноҳ кетди. Бу дунёнинг ғалваларини кўрмай кетди. Худонинг суйган бандаси экан. Энди у дунёда ҳуру ғилмонлар билан айшини суриб юргандир.

Жалилнинг баланд овозда айтган бу гаплари Асадбекка қувват бергандай сергаклантирди. Ўзидан ўзи нафратланди. «Бу қанақаси, мишиқи боладай пинғиллаб қолдимми? Энди унга кўз ёши қилайми? У мени юпатсинми? «Қўявер, бунақалар кўп ҳозир» дейдими ё «Сен бирга бўлган қизларнинг ҳам ота-онаси шундай куйгандир» дейдими? Мен... чарчабман... кучдан қолибман... Бу яхшиликка олиб бормайди. Менга қарши уруш очдилар... Мен эса пинғиллаб ўтирибман...»
— Жалил, — бу сафар Асадбекнинг овози дадилроқ янгради, — сен кетавер.

Жалил «нимага чақирдингу нимага ҳайдаяпсан?» демади. Тушунди шекилли. Индамай ўрнидан турди.
— Машина кутиб турибди, — деди Асадбек.
— Ойим мени машинада туғмаганлар. Беш тийин тўласам, ғирр этиб олиб бориб қўяди.
— Эрталаб келиб, овора бўлиб ўтирма.
— Ўзинг биласан.

Асадбек ўрнидан туриб, уни кузатиб чиқди. Муюлишга қадар бирга борди. Жалил хайрлашиб, қўналға томон юргач, Асадбек олча дарахти панасида тўхтаб турган кўк «Жигули»га яқинлашди. Эшик очилиб, жингалак сочли йигит тушди.
— Элчин деган отарчини ернинг тагидан бўлса ҳам топиб келларинг.

Асадбек шундай деб йўлида кетаверди. Бу ҳолат ташқаридан кузатган кишига гўё жингалак сочли салом бергану у алик олиб ўтгандай туюлиши мумкин. Асадбек уч қадам қўймай кўк «Жигули»нинг мотори ўт олиб, жойидан худди пойгачи машинадай учиб қўзғолди.

5

Элчин ёнбошлаган ҳолда телевизор томоша қиларди. Кўзи телевизорда, хаёли эса ўзга томонда эди. Қамоқдан қайтганига икки ой бўляпти. Қамоқнинг дастлабки кунлари, ойлари зах ҳужраларга, сассиқ баракларга кўникиши қанчалик оғир кечган бўлса, уйга қайтгач, шинам хоналарга, юмшоқ ўриндиқларга ўрганиш шунчалик оғир бўлди. Тўғри, юмшоқ ўриндиқда тан роҳатланади, аммо руҳи тиканаклар узра ётгандай азобда.

Бу уйда ўн йил бўлмади. Ноиласи ўн йилдан бери бу уйда нафас олмайди, юрмайди, ширин кулгиси, пичирлаб айтувчи эҳтиросли сўзлари эшитилмайди. Қамоқнинг биринчи йиллари у Ноиласи билан бирга эди. «Марҳумни сўнгги марта қай ҳолда кўрсанг, уни шу ҳолда хаёлингга муҳрлайсан. Марҳум сенга кулиб қараган бўлса, умринг бўйи уни шу ҳолда тасаввур этасан...» дейдилар. Чиндан ҳам аввалига кўзлари юмуқ Ноила билан суҳбатлашарди. Кейинроққа бориб хаёлидаги Ноиласи кўзларини очди. Лекин бу Элчин суйган кулиб турувчи кўзлар эмасди. Бу нигоҳда «Гуноҳим нима эди?» деган ажабланиш зоҳир эди. Элчин бу савол назарига жавоб беришга мажбур эди. Ўзини, фақат ўзини айблаб жавоблар қайтарар, бироқ, Ноиланинг ажабланган нигоҳи бундан таскин топмасди. Мана шу ҳолат, шу нигоҳ таъқиби Элчин учун олий жазодан баттар эди.

Учқудуқ қуёшида жизғанаги чиқиб кетай деганда ҳам, Сибир ўрмонларидаги қаҳратон қишнинг совуқ нафасларида музлаб қолай деганида ҳам бунчалар азобланмас эди. Руҳ азобини душманингга ҳам раво кўрмасин экан.

Оқловчи сўнгги суҳбатда «яхши одамлар орага тушиб сизни отувдан олиб қолишди. Гиёҳвандлик, қотиллик олий жазога лойиқ эди. Сиз менга эмас, ўша одамларга қуллуқ қилинг», деганди. Элчин, руҳи қиймаланган кезлари, «яхши одамлар»нинг «марҳамати»ни эслади. Бу «марҳамат» уни азоблардан ҳалос қилмай, балки бир умрлик жабру жафоларга ҳукм қилганини англаб етди. Шунда «Пичоқни суғуриб ўз юрагимга санчмайманми!» деган ўйда афсус чекди.

Қамоқ муддати яримлаганда Ноиланинг нигоҳидаги «Гуноҳим нима эди?» деган савол «Ўч олинг!» деган ундов билан алмашди. Ўч олиш фикри унда ўша мудҳиш куннинг эртасигаёқ туғилган бўлса-да, «мен бир кучсиз ашулачи бўлсам, улар бақувват бир тўда, қўлимдан нима келарди?» деб бечоралигидан куярди. Қамоқда турли тақдирли, турли феъл-атворли одамларни кўргач, «Мен ҳам эркакман. Уларга бас кела оламан!» деган ишонч туғила борди.

Элчин қамоқдан шу ишонч билан қайтди.

Қамоқ азоби тугаб, руҳий азоб хуруж қилганини уйга келибоқ ҳис қилди. Озодликнинг бунчалик беаёв кечишини у тасаввур этмаган эди. Биринчи тунни худди жиннидай алаҳсираб ўтказди. Кейинги тун яримламай, кўчага чиқиб кетди. Кўчаларда тентиради. Эрталаб уйига қайтиб, ўзини лаънатлади: «Ноиланинг руҳи мени бу уйда ўн йил кутган эди. Мен уни ёлғиз ташлаб, кўчага қочдим. Ноиламнинг руҳидан қўрқиб қочдим-а?! Ўзимни эркак деб юрибманми, ҳали?!»

Агар кўкрагида қасос ўти бўлмаганида бу руҳий азоблар уни эзиб ташларди. Вужуди уч-тўрт кун мобайнида жанггоҳга айланди. Бир томондан хотира изидан эргашувчи руҳий кечинмалар уни эзишга чоғланади, иккинчи томондан эса қасос ўти аланга олиб бу кечинмаларни қувишга ҳаракат қилади. Алқисса, қасос ўти ғолиб чиқиб, у қаддини ростлашга муваффақ бўлди.

Қасос олишнинг турлари кўп. Қамоқдан чиққан куниёқ «яхши одам»ларнинг бирини ёки бир қанчасини сўйиб ташлаши ёки уйларига ўт қўйиши мумкин эди. Лекин бу осон йўл Элчинга маъқул тушмади. У ниҳоятда узун, ниҳоятда хатарли йўлни танлади. Элчин «яхши одамлар» тўдасига кириши шарт эди. Шу ниятда қамоқдан чиққан куниёқ уларнинг оёқларига бош урса олам гулистон бўларди. Лекин у бундай ҳам қилмади. Янада бошқа йўл тутди. Хатар кўчасининг эшигини очиб биринчи қадамини қўйди. Энди «яхши одамлар»нинг ўзи чорлайди. Элчин бу чорлов икки-уч кун орасида бўлар деб ўйлаган эди. Бироқ, янги йил киришига ярим соат қолганида Асадбекдан элчи келиши унинг учун кутилмаган ҳол бўлди.

Жингалак сочли йигит — Жамшид гапдан кўра ишни маъқул кўрадиган йигит эди. У билан ўн кун туриб, бирга юриб тўрттагина гап сўрасангиз, ҳушига келса иккитасига жавоб қайтарар, хоҳламаса шу иккита гап ҳам йўқ эди. Индамас бу йигитни кузата туриб, ёрилиб кетмаётганига ажабланасиз. Бунинг ёшидаги йигитлар ўйнаб-куладилар, аския қиладилар. Жамшиднинг кулганини кўрганман деган одам дунёда йўқдир-ов. Лекин унинг жилмайганини кўриш шарафига муяссар бўлган бахтиёрлар бор. Бунга ишонинг. Камгаплик ҳеч замонда, ҳеч ерда фожиа саналмаган, балки фазилат ҳисобланган. Шундай экан, сиз ҳам асардаги янги танишингиз Жамшиднинг камгаплигини асосий фазилат деб билаверинг. Бир воқеа сабаб бўлиб меҳр, лутф, ҳаё каби тушунчаларнинг яқинига ҳам йўламай қўйган бу йигитдан ўзга фазилат қидириб овора бўлмайлик. Ҳа, дарвоқе, садоқатни унутибмиз. У Асадбекка садоқатли эди. У ўша воқеадан кейин кучли, шафқатсиз одамларни яхши кўриб қолган. Асадбек унинг назарида энг кучли одам. Гарчи ундаги садоқат бизнинг назаримизда яхшиликка эмас, зулмга хизмат қилса-да, ўзига хос фазилат деб қабул қилишимиз мумкин

Элчин бу йигитни зимдан биларди. Қамалмасидан илгари Асадбек хонадонида бўлганида уни бир неча бор кўрган. Шу сабабли Жамшидни дарров таниди. Жамшид ўзбекларга хос лутф билан салом бериб, «Сиз фалончи акамисиз?» «Сизни фалончи акам йўқлаяптилар» деб латта чайнашни ёқтирмас эди. Эшик қия очилиб, Элчин кўриниши билан «Сизни Бек акам чақиряптилар» деди-ю, машинаси томон юрди. Элчин унинг феъл-атворини билмагани сабабли тўнг муомаласидан таажжубланди. Кўнгли ёмонлик юз берганини сезди. «Асадбекка маълум бўлдими? Ким сотиши мумкин?» Кийинаётганида ҳам, машинага чиқиб ўтирганида ҳам хаёли шу савол билан банд эди.

Жингалак сочли йигит гапиравермагач, Элчиннинг юраги тошди. Уни гапга солиш учун:
— Чаксам майлими? — деб сўради.

Жамшид йўлдан кўз узмаган ҳолда, «ҳа», деб қўйди.
— Бек акангиз саломатмилар, кўрмаганимга ҳам ўн йил бўлди, — деди Элчин. Жамшид унга бир қараб олди-ю, индамади. «Демак, аҳвол чатоқ, — деб ўйлади Элчин. — Агар Асадбекка маълум бўлса... Нимага ҳузурига чақиртирди? Бу йигитга «олиб кел», демай, «ўлдириб кел» деса иш осонроқ пишарди-ку? Ўн йил аввал ўлимдан олиб қолган эди. Энди нима қилмоқчи?»

Элчин Асадбек салтанатига қарши уруш очганида дадил эди. Ҳозир нима учундир чўчияпти. Учқудуқда эканида қамоқ аҳлини ётқизиб-турғизадиган маҳбуслар унга озор беришмасди. Кейинроқ ўзига маълум бўлишича, у «Асадбекнинг одами экан». Бу таъриф Сибирда ҳам уни қийноқлардан халос этган эди. Тўғри, у ёқларда Асадбек, десангиз биров билмас эди. Лекин «Ўқилон» кўпчиликка таниқли эди. Элчин умрида ўқилонни кўрмаган, бироқ, ўзи кичкина бўлган бу илон ўқдай учиб юради, одамга дуч келса товонидан тешиб, миясидан чиқади, деб эшитганди. Асадбекка «Ўқилон» деб лақаб қўйган одам шуни назарда тутганми?

Элчин овозаси узоқларга кетган ана шу даҳшатли Ўқилонга қарши чиқди. Биринчи қадамини қўйди. Бу ҳам биринчи, айни чоқда сўнгги қадам бўлиб қолмасмикин?
— Оғайни, танишиб олайлик, исмингиз нима эди?— Элчин бу йигитни аввал яхши танигану шу дамда исмини унутиб қўйгандай сўради.

Жамшид жавоб бермади. Қараб ҳам қўймади. Элчин: «Тирик бўлсанг билиб оларсан, деганими бу?» деб ўйлади.

Машина эски шаҳар томон бурилганида Элчиннинг ташвиши ортди. У Асадбекнинг болалиги ўтган ҳовлини, унинг одатини билар эди. Қоронғи ҳовлига, сўнг қоронғи хонага кирганида «курагим остига ҳозир пичоқ санчилади» деб кутди. Йўқ, у ўлимдан қўрқмади. Элчин ўлимни бўйнига олиб, шу йўлга кирган эди. У йўл бошидаёқ панд еганидан, муддаосига ета олмаганидан аламда. У неча йил қасос ёғида қоврилди. Энди эса... У ўзини қафасга тушиб қолган қуёндек ҳис этди. Лекин бир неча дақиқадан сўнг эса бу ожизлиги учун ўзини ўзи лаънатлади.

Элчин кураги остига пичоқ санчилишини кутди. Бунинг ўрнига қоронғиликдан Асадбекнинг овози келди.
— Ҳа, ҳофиз, эсон-омон чиқиб келдингизми?

Асадбекнинг овозида пичинг ёки таҳдид оҳанги йўқ эди. Элчин бундан енгил тортди. Хавотири бекор эканини англаб, овоз келган томонга қараб салом берди.
— «Келдим» деб ҳам қўймайсиз-а, ҳофиз, — деди Асадбек саломга алик олиб. — Ҳар ҳолда мен сизга бегона эмас эдим. Ака-укалигимиз бор эди, а?

Асадбекнинг «сизни отувдан олиб қолган мен бўламан» демоқчи эканини Элчин фаҳмлади. Кўзи қоронғиликка ўрганиб, уйнинг чап томонида дўппайиб турган танчани, деворга суяниб ўтирган одам қорасини илғади. Учрашув нима учун қоронғида бўлаётганига тушунмади.
— Қамоқдан қайтган укадан хабар олиш акадан лозим, деб ўйлабман, — деди Элчин гина оҳангида.
— Келганингизни билганимда учиб борар эдим, — гап оҳангида энди киноя сезилди. Сўнг оҳанг кескин ўзгарди: — Ҳофиз, чайналмасдан эркакча гаплашайлик. Хотинингизнинг ўлимида менинг заррача айбим йўқ. Сиз менинг зиёфатларимни гуллатар эдингиз. Сизни йўқотишдан мен нима наф кўрарканман? Аксинча, зарар кўрдим. Сиз кимгадир ёқмай қолгансиз. Жаллодни бизнинг ичимиздан эмас, ўзингизга ўхшаган отарчилар орасидан қидиринг. Бир-бирига сурма ичириб овозларини бўғадиган отарчиларнинг қўлидан бундан баттар ишлар ҳам келади. Айбни бўйнингизга олиб, аҳмоқлик қилдингиз.

Чиндан ҳам қотиллик Асадбекнинг ихтиёрисиз содир бўлган ва у айбдорни беаёв жазога тортган эди. Ҳозир буни айтмай, гуноҳкорни отарчилар ичидан қидириш керак, деб қўя қолди.

Элчин учун Асадбекнинг гаплари янгилик эмас эди. Қамоқда ўтирганида гумонлар кўчаси уни ҳамкасблари томон ҳам бошлаганди. Тўғри, «фалончи ҳофиз фалончи ашулачининг чойига сурма қўшиб ичирибди», деган гапларни кўп эшитган. Бироқ, ўз кўзи билан кўрмаган, бундай воқеага шоҳид бўлмаган. Мана-ман деган ашулачи иккита-учта бўлса шундай қилиши мумкиндир. Ҳозир кунда бир арава қўшиқчи ёғилаяпти. Микрофонни тумшуғига тираб кучанади. Овози бор-йўқлигини ҳам билиб бўлмайди. Аммо ҳар бири ўзини зўр ҳофиз деб фаҳмлайди. Латифа қилишларича, бир тасодиф билан юзта ҳофиз ҳарбийга чақирилибди. Зобит уларни сафга тизиб «бир чеккадан сананглар» деб буюрибди. Саф бошида тургани «бир» дебди, иккинчиси «икки» дейиш ўрнига у ҳам «бир» дермиш. Учинчи... қирқинчиси ҳам «бир» дермиш. Зобит аччиқланиб турганда саф бошидаги унга аста тушунтирибди: «Ўртоқ бошлиқ, биз ашулачилармиз. Бизда иккинчи деган гап йўқ, ҳаммамиз биринчимиз». Ҳофизлар майда қабиҳликларни қилар-у, лекин бегуноҳ аёлни зўрлаб, сўнг юрагига пичоқ санчишга журъат этишолмас. Элчин бунга қаттиқ ишонади. Шу сабабли ҳам Асадбекнинг гапларини бееътибор эшитди. «Ўша воқеадан олдин одамларингиз мендан бож талаб қилишди. Ҳар ойда фалон минг сўмдан тўлаб туришим лозим эди. Рад этдим. Шунда ҳазиллашдик, деб мени зиёфатга олиб боришди. У ерда ҳазиллашиб қимор ўйнадик...» демоқчи ҳам эди, лекин «Тўғри, улар ҳазиллашишганди» деган жавобни эшитишини билиб, индамади.
— Мендан бир хатолик ўтган: ҳасадгўйларингиз кўплигини ҳисобга олмаганман. Сизни ҳимоя қилишим керак эди. Бир ашулангиз бор эди:

«Ўйнамаса ким ўзганинг найига,
Шум ният-ла тушадилар пайига!»

Сиз энди ўша найчини қидиряпсиз, биламан. Қидирмаганингизда сизни ўғил бола демас эдим. Найчи билан... аллақачон ҳисоб-китоб тўғри бўлган. Сиз уни ўйламанг. Сиз... уйландингизми?
— Йўқ.
— Тирикчилик нима бўляпти?
— Ўзбекнинг тўйи бор экан, хор бўлмаймиз.
— Тўйнинг ҳам тўйи бор. Ким айтса бораверсангиз обрўйингиз қолмайди. Сиз энг зўр ашулачи бўлишингиз керак. Одамлар «хўп» дейишингизга маҳтал бўлиб ҳафталаб остонангизда ётади. Бу ёғини менга қўйиб беринг. Телевизор, радио фақат сизнинг ашулаларингизни беради. Шерали-ю, Ғуломларингиз сариқ чақа бўлиб қолади. Сиз ашула айтганингизда Ортиқлар «амма-холаси ҳаводор» деб этак очиб ўтиради.
— Раҳмат, Бек ака, буларнинг эвазига мен нима қилишим керак? Ҳар ҳолда «ҳисобли дўст айрилмас», деганлар. Сиз кўп сўрамайсиз, биламан. Нари борса, сизга қул бўлишим керак-да, а?

Асадбек Элчиндан бунақа игнали гапни эмас, балки самимий миннатдорчилик кутган эди. Асадбек лоф урмаётган эди, айтганларини албатта рўё қиларди. «Бу отарчи нимасига ишониб катта кетяпти?» Асадбек бир ғижиниб олди. Кимда-ким зид сўз айтса, у гапини калта қиларди. Унинг нима ҳукм чиқаргани бир қарашидаёқ аъёнларига маълум бўларди. Асадбекка ботиниб гап қайтарган одамнинг шўрига шўрва тўкилиши аниқ эди. Элчин буни биларди. Била туриб беихтиёр ножўя гап айтди, деган гапимга ишониб чалғиманг. Элчин била туриб айтди, бу гапни. Унинг мақсади Асадбекнинг қанотига кириш эди. Лекин муте бўлиб эмас, қаддини ғоз тутиб кирмоқчи эди. Ҳозирги марҳаматга жавобан миннатдорчилик билдириш яна мутелик жандасини кийиш билан баробар бўларди. У ҳолда Асадбекнинг атрофидаги парвона фоҳишалардан фарқи қолмас эди. Элчин шу учун азоб чекибдими, шу учун пайт пойлабдими, режа тузибдими?!

Асадбек Элчинни аввал ҳам дурустроқ билмас эди. Элчин Асадбек учун бир қўшиқчи, пул қистирганда иршайиб қуллуқ қилувчи отарчи эди. Асадбек ман-ман деган ашулачини ҳам одам қаторига қўшмас эди. Унвони, шуҳрати улуғ ашулачиларни эса кўпчилик олдида мазах қилишни, камситишни ёқтирарди. Тўйда виқор билан юриб ўртага чиқарди, ашулачига яқинлашиб чўнтагига қўл соларди. Агар марҳамат қилса иккита юзталикни чиқариб ашулачининг икки елкасига «погон» қилиб қўярди. Кайфияти чатоқроқ бўлса — ёқасига қистирарди. Асадбекнинг изидан чиққан бошқалар ҳам фақат юзталик қистирарди. Шунинг учун ҳам ёқасига пул қистирилган ашулачи ўзини камситилган деб ҳисобламас, балки «акахон»нинг ҳазиллари деб билиб, иршайган ҳолда таъзим қиларди. Элчин биринчи марта Асадбекнинг қаҳрига ўшандай ҳолатда дуч келган. Асадбек ёқасига пул қистирмоқчи бўлганида бўй бермаган эди. Ўша куни енгил жазо олди — икки йигит яхшигина дўппослаб, торини мажақлаб ташлади.

Асадбек ҳозир ўша воқеани эслади. Эслаб туриб «қамоқда ҳам ақли кирмабди бу баччағарнинг», деб қўйди.

Қоронғиликни титратиб чиққан Асадбекнинг қаҳрли овози орага тушган бир дамлик сукутни бузди.
— Менинг қулларим ажиб-бижиб ётибди. Сендан дурустроқ қул ҳам чиқмайди. Сен... ашулангни билсанг бас. Бошқа ишларга тумшуғингни суқма.

Элчин Асадбекнинг сенсирашига ўтганидан билдики, у ғазаб отига минди.
— Сен мол эмассан. У ёқдан бурнингни оқизиб келмагансан. Тишингни қайраб юрибсан.
— Бек ака...— Элчин «менинг ҳеч қандай ёмон ниятим йўқ», деб гапни чалғитмоқчи эди, Асадбек йўл бермади.
— Овозингни ўчир! Мен гапиряпман, ҳаддингдан ошма, бола! Сен хотининг ўлдирилганини, у ёқларда юриб келганингни унут. Аммо Асадбек акангни унутма! Асадбек аканг, Худога шукр, тирик. Мабодо у ўлиб қолса, ўлигидан ҳам қўрқ. Мен гўримда ҳам тинч ётмайман. Атрофингда кимлар бор?

Бундай очиқ савдони Элчин кутмаган эди. «Билиб туриб сўраяптими ё тахминан мўлжалга оляптими? Қизи йўқолганидан кейин йигитлари изғиб ҳид олишган бўлса-чи? Унда нима учун қизидан гап очмаяпти?» Элчин арқонни узунроқ ташлаш мақсадида ўзини гўлликка солди:
— Ота-онам ўтиб кетишибди, Худо раҳмат қилсин уларни...
— Чайналма! Кимларни сўраётганимни билиб турибсан. Сен мен билан мушук-сичқон ўйнама. Майда балиқлар ҳаммавақт катталарига ем бўлади. Сенлар чивинсанлар, мен — бургутман. Фарқи борми?

«Фарқи бор, — деб ўйлади Элчин.— Афсуски, бургут чивинни еёлмайди-да».
— Атрофингдагилар ўзбекларми ё ўша ёқдан топган қаланғи-қасанғиларингми? Ўзбек бўлмаса йўқот уларни. Ўзимизникилар ҳам етиб ортади. Зерикмаслигинг учун беш-ўнта болани сенга топшираман.

«Демак, ёнимдагиларни билмайди. Қизини ким зўрлаганини ҳам билмайди. Тахмин қиляпти. Ишончи комил бўлганда мен билан пачакилашиб ўтирмас эди. Бир отарчи номусини булғайди-ю, у сафсата сотиб ўтирадими?»
— Бек ака, мен ёлғизман. Қасос олиш ниятим борлиги рост. Аммо бировнинг ёрдами билан олинадиган қасос менга татимайди. Ёнимга одам тўпламаганман.
— Қасам ич!
— Худо урсин!

Элчин тақво деган нарсани, қасамнинг қадри деган нарсани билмас эди. Болалар бир-бирларини ишонтириш мақсадида кунда юз марта «худо урсин» дейишади. Элчин ҳозир худди бола каби ўйламай-нетмай «худо урсин» деб юборди. Асадбек осонлик билан ичилган бу қасамга ишонмаса-да, бир оз таскин топгандай бўлди.
— Сен тезроқ уйлан. Тўйингга ўзим бош бўламан.

Асадбек шундай деб жим бўлди. Элчин гап тугаганини англаган бўлса-да, бир оз турди. Сўнг «кетаверайми?» деб сўради. Асадбек совуққина қилиб «ҳа», деб қўйди. Элчин унинг ғазабга тўлган нигоҳини қоронғида кўрмади.

Элчин Асадбек «уйлан» деганида, «қизини менга беради энди» деб ўйлаганди. Элчиннинг назарида Асадбек учун энг тўғри йўл шу эди. Бу йўл Элчинни мақсад сари тезроқ олиб борарди. Аммо у янглишди. Қўшиқчи эплаб рақсга тушолмагани, раққоса эса эплаб ашула айтолмагани каби у жиноятнинг ҳадисини олмаган эди. У хаёлан иш пишитишга уста эди. Асадбеклар хаёлда эмас, амалда бажарардилар. Асадбек қизини қамоқдан чиққан отарчига берганидан кўра ўлдириб юбориши мумкинлигини Элчин ҳисобга олмаган эди.

Элчин Анварга «Асадбекнинг қизини оляпман» деб янглиш гап айтди. Хаёлидаги ишини ҳақиқатга айлантириб юборди.

II боб

1

Қайта қуриш шарофати билан депара қидирув бўлимининг инспектори, лейтенант Зоҳид Шариповнинг елкасига офтоб тегди. «Ҳалоллиги, ўз ишига виждонан муносабатда бўлганлиги» туфайли уни шаҳар прокуратурасига ишга олишди. Жумлабошини қўштирноқ орасига олганимга, киноя қиляпти, деманг. Бу жумла депара ички ишлар бўлими бошлиғининг тавсияномасидан кўчирмадир. Зоҳид чиндан ҳам ҳалол, виждонли йигит. Унинг айнан шу фазилати бошлиққа ёқмас эди. Бошлиқ «қайта қуриш, ошкоралик деган бало қаёқдан чиқди!» деб норози бўлиб юрганида, айнан шу қайта қуриш жонига ора кирди: ёшларни кўтариш масаласи кун тартибига қўйилганда шартта Зоҳиднинг номзодини кўрсатди.

Маҳмадона лейтенантнинг ҳар мажлисда бир игна санчиб олиши, ҳақиқат талаб этиши бошлиқнинг эсини тескари қилиб юборган, мажлис деса кўнгли ағдариладиган, кўз олдига Зоҳид келадиган бўлиб қолган эди. Зоҳид кетгач, атрофидаги икки-уч ҳақиқатпарварларнинг ўз-ўзидан тинчишига ишонарди. Бошлиқ Зоҳидни «менинг кўричагим», деб пичинг қиларди. Осонгина ташриҳ туфайли бу озорли дарддан қутулганига шукр қилди. Лекин Зоҳид кўричак эмас, буйракдаги тош экан. Ўқтин-ўқтин қўзғаб, безовта қилиб туриши мумкин экан.

Зоҳид прокуратурада вазифасини ўташга киришган куниёқ унинг қўлига шу депарага оид иш берилди. Кеча тантана билан кузатилган лейтенант бугун яна бошлиқ ҳузурида пайдо бўлди. Илгари бошлиқ унга бақириб, ҳатто чиқариб юбориши мумкин эди. Энди эса жилмайиб кўришишга мажбур. Бошлиқ Зоҳидни бутунлай йўқ бўлиб кетади, деб ҳисобламаган. Бироқ бунчалар тез келар, деб ўйламовди.

Усти чойнак изларидан доғ бўлиб кетган битта стол, ошиқ-маъшуғи аранг илиниб турган китоб жавони турган тор хона Зоҳидга мерос бўлиб қолди. Стол тортмасидан «ВТ» сигаретасининг бўш қутиси, беш-олти дона чўпи қолган гугурт бор эди. Зоҳид уларни олиб симтўрхалтага ташлади-да, стол устини чангдан тозалаш учун уч-тўрт бора қаттиқ пуфлади. Шу пуфлаш оқибатида қўққис уйғониб кетгандек телефон жиринглади.
— Шарипов, — деди у, телефон гўшагини қулоғига тутиб.
— Лола кўчасидаги ўн еттинчи уйдан қорадори топилган. Қидирув гуруҳи жўнади. Бу иш сизга топширилади.

Буйруқ қисқа ва қатъий эди. Зоҳид шошилмай ўрнидан турди-да, гўшакни жойига қўйиб, ташқарига йўл олди. У Лола кўчасини биларди. Ўзи хизмат қилган милитсия бўлимига яқин, маҳалла гузаридан чапга бурилишдан шу кўча бошланарди. Бу маҳалла тинч, йилда бир-икки муштлашиш бўлиб туриши ҳисобга олинмаса жиноятдан анча йироқ эди.

Маҳалланинг осойишталиги милитсия бўлими яқин жойлашгани учун эмас. Милисахона кўчиб келмасидан олдин ҳам маҳалла тинч эди. Бу ердагиларнинг айтишича, биз тилга олган «бир-икки муштлашув» ҳам милисахона кўчиб келганидан сўнг бошланган. Бу қанчалик тўғри ё нотўғри — Яратганга маълум. Маҳалланинг осойишталигига сабаб, бу ердаги одатларга на «турғунлик» деб ном олган йиллар таъсир ўтказа олган, на қайта қуриш деган гаплар. Маҳалла азалдан қариялар ҳукмига бўйсуниб келган. Умри адосига етган қариялар энг яхши одатларни ўзлари билан олиб кетмай, ортларида қолаётганларга мерос қолдиришган. Кимга ёлғон, кимга чин, шаҳарда бўкиб ичиб, оёқда туролмайдиган даражага етган одам ҳам маҳалла ҳудудига қадам босиши билан сергак тортиб қоларкан. Саломни канда қилмай гузардан ўтиб, уйига етиб оларкан.

Зоҳид маҳалланинг одамларини яхши билгани учун ҳам боши қотди: қорадори билан ким шуғулланиши мумкин?

Бирон жойда жиноят содир бўлса қидирувчиларнинг кўз олдига дастлаб яқин орада қамоқдан қайтганлар келади. Бир уйни ўғри уриб кетган бўлса, аввал ўғирлик усули билан қизиқишади. Ёзувчининг ўзига хос услуби бўлганидек, жиноятчиларнинг ҳам ўз услублари мавжуд. Али ўғрининг иши ҳеч маҳал Вали ўғрининг ишига ўхшамайди. Баъзан жиноятчиларнинг ўзлари милитсияга ёрдам беришади: услуб кимники эканини айтишади. Қора дорининг топилиши ҳам шундай «холис хизмат» оқибати бўлиши мумкин.

Лола кўчасидаги ўн еттинчи уй олдида иккита енгил ва бир тез ёрдам машинаси турарди. Ҳангоматалаблар ҳам тўпланишиб қолишган эди. Уй ташқи томондан қараганда харобгина кўринади. Ёндаги иморатлар кўкрак кериб тургани учунми, чиройли пештоқсиз бу уй оддий бостирмага ўхшарди.

Зоҳид ичкари кирди. Узунасига эллик қадамча келадиган ҳовли ишкомдан иборат эди. Ташқарисидан ғарибгина кўринган уй ичкариси ҳам шу аҳволда экан. Ўртада даҳлиз, даҳлиз тўрида обрез. Чап томонда кичикроқ уй кимёгарликка оид турли-туман идишларга тўла. Ўнг томонда каттароқ хона — ётоқ ҳам, емакхона ҳам шунда мужассам.

Жиноят қидирув бўлимининг ходимлари — Зоҳид-нинг кечаги ҳамкасблари шу ерда. Ўртада думалоқ стол. Стол устида оқ кукунли шаффоф халтачалар — таниш манзара. Дераза ёнидаги курсида ёш жувон бошини ушлаб ўтирибди. Йиғлайвериб шишиб кетган. Хона тўрида — диван. Диванда бир йигит беҳуш ётибди. Қидирувчилар бошлиғи — Ҳамдам Толипов ахборот берди.
— Уй эгаси Шариф Намозов — анави ётган йигит, вино заводида бош муҳандис экан. Бир халта портфелидан чиқди. Қолганлари нариги хонада. Тажрибахонаси эмиш.
— Ўзи мастми?
— Ғирт маст. Билагида игна изи бор. Ҳозир қон олишди, натижасини айтиб қолишади. Анави аёл хотини экан. Ҳеч нимани билмайман, дейди.
— Изига қандай тушдинглар?
— Иккита гиёҳванд йигитни тутувдик. Қаердан олдиларинг, десак, шу ерни айтишди.
— Осонгина айтишдими ё қийнадингларми?

Ҳамдам «мени биласан-ку», дегандай кулимсираб қўйди. Зоҳид бўш стулни олиб, аёлнинг рўпарасига ўтирди-да, ўзини таништирди.
— Исмингиз нима?
— Насиба, — жувон шундай деб унга нажот кўзи билан тикилди.
— Эрингиз нима иш қиладилар?
— Вино заводида ишлайдилар. Икки ойгина бўлди, кўтаришувди. Португалияликлар бу кишининг ишларини сотиб олишгандан кейин одамларнинг ўзлари сайлаб қўйишди. Кўнмасалар ҳам зўрлашди. Бошлиқ бўлишга сираям тоқатлари йўқ эди.
— Португалияликлар қанақа ишни сотиб олишди?
— Мусаллас қилишнинг янги усулини топганлар. Беш йилдан бери сарсон эдилар. Ўзимизникилар ҳеч ўтказишмади. Улар қаёқдандир эшитиб қолишиб, атай келиб текшириб кўришди.
— Эрингиз кўп ичармидилар?
— Йў-ўқ, бунақа ичмасдилар. Синаш учун бир ҳўплам-бир ҳўплам ичардилар, холос. Бунақа аҳволда ҳеч кўрмаганман. Ўзим ҳам қўрқиб кетдим.
— Соат нечада келган эдилар?
— Ўн иккиларда. Бунақа кеч юрмасдилар. Тўйга борсалар ҳам вақтли қайтардилар.
— Ўзлари юриб келдиларми?
— Билмадим, — Насиба ўйланди. — Машинада келдилар шекилли. Ҳа, аввал машина тўхтади. Кейин қўнғироқ чалинди. Чиқсам, деворга суяниб ўтирибдилар. Уйга зўрға олиб кирдим.
— Булар қаердан келди? — деди Зоҳид стол устидаги халтачаларни кўрсатиб.
— Билмадим... Булар келишди. Уйни тинтишди. Мен анқайиб туравердим.

Зоҳид ўрнидан туриб, даҳлизда чекаётган Ҳамдамга яқинлашди.
— Тинтувга рухсатномангиз бор эдими? — деди.

Ҳамдам кулиб қўйди.
— Рухсатнома олгунча булар кутиб ўтиришмайди. Тинтиб, топиб қўйибмиз-ку?

Зоҳид унинг иш услубини биларди: Ҳамдам ҳамиша шошилиб ишларди. Баъзан қонун-қоидаларга риоя ҳам қилмас эди. Жавобдан бўйин товлаётган жиноятчининг қорнига бехос мушт тушириб қолишни яхши кўрарди. Мушт еган одам букчайиб, ихранаётганида у хотиржам сигарет тутатарди. Зоҳидга унинг бундай усулллари ёқмас эди. Лекин ҳалоллиги, жиноятчига бешафқат бўлгани учун уни ҳурмат қиларди.
— Гиёҳвандларнинг сурати борми?

Ҳамдам кўкрак чўнтагидан бешта сурат чиқариб, иккитасини ажратди:
— Мана булар. Кўрсатдим, танимади.
— Бу ерга қачон келишган экан?
— Уч кун олдин.

Зоҳид суратни олиб, изига қайтди.
— Мана буларга диққат билан қаранг. Шошилманг. Биронтаси уйингизга келганми?

Аёл синчиклаб қараб, бош чайқади.
— Яхшилаб эсланг. Балки биронтаси уч кун олдин келиб эрингизга учрашгандир?
— Келса билардим. Адасига учрашишлари мумкин эмас. Уч кун олдин у киши Ереванда эдилар.
— Қачон келдилар?
— Кеча эрталаб келиб, чой-пой ичиб кейин ишга кетдилар.
— Бу ерга нотаниш одамлар келиб туришармиди, масалан, бир нарса сўрабми?
— Йўқ, одам кам бўлади уйимизда. У киши доим иш билан бандлар. Бекордан-бекорга гаплашиб ўтиришни ёқтирмайдилар.
— Мусаллас сўраб келишмайдими?
— Қўни-қўшнилар чиқиб туришади.

Даҳлизга оқ халатли аёл кириб, Ҳамдамга нимадир деди. Ҳамдам ичкари кириб Зоҳиднинг қулоғига шивирлади:
— Қонидан қорадори топилган.

Зоҳид ўрнидан туриб даҳлиз томон бошлади.
— Гиёҳванд йигитларингиз қаерда?
— Ўзимизда.
— Юринг, улар билан гаплашишим керак.— Зоҳид шундай деб ташқарига йўналди.

Гиёҳванд йигитлардан бирининг пастки лаби осилган, кўзлари чақчайган, иккинчисининг қарашлари совуқ, ўнг юзида узун тиртиқ бор эди.
— Билагингни кўрсат, — деди Зоҳид тиртиққа.

У «шу ҳам ишми?» дегандай эринибгина курткасини ечиб, кўйлагининг енгини шимарди. Лаби осилган йигитнинг билагида ҳам игна излари бор эди. Уларнинг гиёҳвандлигига Зоҳидда шубҳа қолмади.
— Кукунни қаердан олардиларинг? — деб сўради Зоҳид.
— Братанга этганмиза, қаёқдан оганувзани,— деди лаби осилган йигит.
— Менга ҳам айт.
— Лола кўчасида... ўн... еттинчи уйда турадиган Шариф ака деган киши.
— Икковинг бирга борганмисан?
— Бир хил пайтда ман борардим, бир хил пайтда у борарди, бир хил пайтда иккалавуза борардик.

Зоҳид ҳали Ҳамдамдан олган суратларни чўнтагидан чиқариб, учтасини ажратиб олди-да, стол устига ёйиб, лаби осилганини чақирди.
— Қара, Шариф аканг қайси бири?

Йигит ўрдакка ўхшаб лапанглаб келиб суратларга узоқ тикилди-да, биттасини кўрсатди.
— Жойингга ўтир, — Зоҳид шундай деб суратларнинг жойини алмаштирди-да, тиртиқни чақирди. У бошқа суратни кўрсатди.
— Охирги марта қачон борувдиларинг? — деб сўради Зоҳид.
— Уч кун бўлди.
— Балки тўрт кундир?
— Вей братан, ман ўзим борганман. Соққа йўғиди, қарзга берган. Ништяк одам у. Ўзини лабораторияси бор. Айн момент тайёрлаб беради.
— Лабораториясига кирганмисан?
— Кирганман-де. Шундоқ чап томонда.
— Айвондан ўтгандами?
— Ҳа-де, билиб туриб сўруврасизми?

Зоҳид «бу ёғига нима дейсиз?» деб Ҳамдамга қаради.
— Айвоннинг олди ромми?

Лаби осилган йигит ўйланиб қолди.
— Ром бўлса керак, — деди иккиланган ҳолда.
— Ёлғон гапирма! — деди Ҳамдам бақириб.
— Братан, алдавотганим йўқ.

Ҳамдам унга яқинлашиб, ёқасини чангаллаб ўрнидан турғизди.
— Ёлғон гапирма, хунаса, уйида бўлмагансан. Айвони йўқ унинг.

Лаби тиртиқ бирдан тутқаноғи тутган одамдек бақириб юборди:
— Қўйворинг! Мен кечаси борганман. Айвонига қарабманми, ўзи зўрға турувдим.
— Борганмисан?!
— Ҳа, борганман!
— Уч кун олдинми?
— Ҳа, уч кун олдин.
— Жуда яхши! — Ҳамдам уни қўйиб юборди. — Менга шу керак эди. Ёзиб қўйинг, ўртоқ прокурор. Борганини тан олди. Энди билиб қўйларинг: уч кун олдин у уйида ўлдирилган!

Иккала йигит аввалига «хато эшитмадикми?» дегандек қараб олди. Сўнг худди келишиб олишгандай Ҳамдамга бараварига даҳшат билан боқишди.
— Йўқ! — деди тиртиқ жон ҳолатда.
— Нима йўқ? — деди Ҳамдам ғолиб кишининг мулойим овозида.
— Бормаганмиз.
— Ўртоқ прокурор, бунисига нима дейсиз?
— Соқчини чақиринг, олиб кетсин.

Гиёҳвандлар чиқиб кетишгач, Ҳамдам диванга ўтириб, оёқларини стол устига чалиштириб қўйиб олди.
— Ҳамдам ака, дарров топганингиздан ажабланмадингизми? — деди Зоҳид унинг ёнига ўтириб.
— Ажабланишга вақт бўлмади. Ана энди ўзинг, мазза қилиб ажабланаверасан. Мен топдим. Сен тергайвер. Оператив ишлаганим учун окахонинг раҳматнома эълон қилади менга.
— Юварканмиз-да, — Зоҳид шундай деб елкасига аста уриб қўйди. Кейин жиддий оҳангга кўчди: — Буларни ким ишга солган бўлиши мумкин?

Ҳамдам дарров жавоб бермади.
— Вино заводида нима гап экан? — деди у маънодор қилиб.
— Мен ҳам шуни ўйлаб турибман.
— Ўйласанг ўйлагин-у, аммо винзаводга осила кўрма.
— Нимага?
— Кимга қарайди завод, биласанми?
— Озиқ-овқат вазирлигигами?

Ҳамдам кулиб, тиззасига шапати урди.
— Эй, прокурор, кўзингни оч! Шунча йил угрода сақич чайнаб юрган экансан-да, а? Винзавод Асадбекнинг тасарруфида-ку?! Буни кўчадаги мишиқи бола ҳам билади, сен билмайсанми, қишлоқи?

Зоҳид ҳам эшитган бу гапларни. Завод директори Асадбекнинг тавсияси билан қўйилади, ҳатто қоровул ҳам унинг рухсатисиз ишдан бўшолмайди, деган гаплар юради. Халқ оғзидаги миш-мишнинг қандайдир асослари мавжуд. Бироқ, Асадбек ҳақидаги гаплар кўпинча ғирт ёлғон бўлиб чиқади. Зоҳид ўтган йили бунга ишонди: кутилмаганда бир гап тарқалиб одамлар беҳаловат бўлиб қолишди. Эмишки, бир одамни қўшниси машинасида қаергадир олиб бориб қўйиши лозим экан. Машина айтилган томонга эмас, бўлак ёққа бурилибди. «Нимага бу томонга бурилдинг?» деб сўраса, машина эгаси «жим ўтираверинг, кўрасиз» дебди. Хуллас, машина гадой топмас кўчалардан юриб, шаҳар ташқарисига чиқибди. Бориб-бориб йўл қамишзорга тақалибди. Машина эгаси ўтириб туринг, деб ғойиб бўлибди. Ҳалиги одам қўрқиб, машинадан тушибди. Қамишзор оралаб қараса, бир чуқурда аллақанча мурдалар ётганмиш. У «мени ҳам ўлдириб ташлашар экан-да» деб ўйлаб, ўликларни суриб, тагига тушиб ётаверибди. Бир оз вақт ўтгач, беш-ўнта одам пайдо бўлиб, уни қидиришибди. Кейин «бизни алдадингми, ҳали» деб машина эгасини дўппослашибди. Тонгга яқин ҳалиги одам ўликлар орасидан чиқиб қараса, узоқда бир чироқ милтиллаб турганмиш. Бориб қараса, бир қозоқ чўпоннинг уйи экан. Қозоқ уни уйига олиб кириб, ювинтириб, ўзининг тоза кийимларини берибди. Гапнинг қисқаси, ўша одамлар Асадбекка тегишли экан. Шу ваҳима гаплар кучая боргач, текшириб кўриш Зоҳидга топширилди. У бир ҳафта уриниб, чуваланган ипнинг учини, ўша одамни топди. У одам ўн етти йилдан бери руҳий хасталиклар шифохонасида рўйхатда тураркан. Зоҳид бир қараса, унинг гапи бамаъни, бир қараса, ғалати эди. У қўшнисини кўрсатди. Қўшни ажабланди. Устига-устак унинг машинаси йўқ. Ҳалиги одам қамишзорни кўрсатаман, деди. Зоҳид кўнди. Қадимда «Хотинкўприк» деб аталган жойга бошлаб борди. Қамишзор йўқ. Ҳаммаёқ кўпқаватли иморат эди. Ҳалиги одам мўлтиллаб туриб, сўнг йиғлаб юборди. Зоҳид уни уйига эмас, шифохонага элтиб қўйди.

Бу воқеага бир йилдан ошибди. Зоҳид ўша одамнинг мўлтиллаб туриши, йиғлаб юборишини ўқтин-ўқтин эсларди. Ҳозир винзавод ҳақида гап чиққанида яна ёдига тушди. Ён дафтарига «жинни одам, Хотинкўприк» деб ёзиб қўйди
— Демак, бу иш Асадбекка бориб тақаладими? — деди у дафтарчасини чўнтагига солиб.
— Бўлиши мумкин, — деди Ҳамдам. — Лекин бу икки галварсдан гап оламан, деб овора бўлма. Улар Асадбекни билишмайди. Шариф Намозов билан суҳбатлашсанг кўп нарса ойдин бўлади. Олимлиги бор экан. Бунақа одамлар ҳақиқатпараст бўлишади. Адолат қиламан, деган бўлса, қопқонга туширишган. Энди истасанг-истамасанг, қамоққа оласан. Қони текширилиб гиёҳванд деб турилибди. Уйидан кукунлар чиқди. Юз минг сўмнинг нари-берисидаги мол-а! Юз мингдан кечишибдими, демак, иш катта.
— Агар сиз айтгандай Асадбекнинг йўлига тўғаноқ бўлса, осонгина йўқ қилишмасмиди?
— Майдароқ одам бўлганида балки сен айтган йўлни тутишарди. Намозов бирон-бир масалада очиқчасига қарши чиққандир. Умуман... Юз минг сўм уларга трамвай паттасидай гап. Агар Намозовни қамоққа олишга рухсат бермасанг, эртага уйингга беш юз минг ташлаб кетишлари мумкин. Унда ҳам кўнмасанг...
— Ўлдирадими?
— Йўқ, ўлдирмаса керак. Лекин йўлини топади. Ҳар ҳолда иш Асадбекка бориб тақалса, у билан ўчакишма. Сендан зўрлар ҳам эплаша олмаган уни. Биз сен билан комиссар Катани бўлолмаймиз. Лекин Асадбек адвокат Теразинига дарс бериши мумкин. Сенга маслаҳатим: Намозовни қамаш керак. Қамасанг, унинг жонини сақлаб қоласан. Ўйлаб кўр.

2

Ҳамдамнинг таклифини ўйлаб кўришга улгурмай депара ички ишлар бўлими бошлиғи капитан Мирсултонов кириб келди:
— От айланиб қозиғини топаркан. Биздан қутулиб бўпсиз! — у шундай деб Зоҳид билан қўшқўллаб кўришди. — Яхши, яхши. Ишни ўзимиздан бошлаганингиз, яхши бўлибди. Қийналмайсиз. Мана, бу ёқда биз бор. Бориб кўргандирсиз? Нима қилмоқчисиз?
— Ҳали тайин бир хулосага келганим йўқ.
— Бу кўп ўйлайдиган иш эмас. Қамоққа олиш ҳақида санктсия бераверинг.

Зоҳид ўзини қувноқ тутишга уринаётган капитанга қараб ажабланди. «Намозовни қамоққа олишимга бунча қизиқиб қолди? Яна эски ҳаммом, эски тос десангчи? Ашёвий далил бор, сохта гувоҳлар бор. Мен қамоққа оламан, у ёқда ҳакамлар енг шимариб шай туришибди. Неча йилга ҳукм қилишни яхши билишади. Ресторанда машшоқларга уч сўм бериб истаган куйни чалдиргани каби пул ташлаб истаган одамни истаган муддатга қаматиш чўт бўлмай қолди. Мен адолат қиламан, десам, булар «овора бўлма, қўлингдан келмайди. Сен уч сўмлик ресторан машшоқисан», дейишмоқчими?» Зоҳид хаёлидан шуларни ўтказиб, асабийлашди. Ҳамдамдан сигарет сўраб олиб тутатди. Бошлиқ столни ноғорадай чертиб, жавоб кутарди.
— Тўғри айтасиз, — деди Зоҳид, унга синовчан тикилиб, — қамоққа олиш керак. Аммо бу ерда эмас, шаҳар турмасида ўтира туради. Ҳалиги иккита гувоҳ ҳам уч-тўрт кун қамоқда ўтирса, анча ўзига келиб қолади.

«Ҳалиги иккита гувоҳ» деган гапни эшитиб, Мирсултонов сергакланди:
— Гувоҳларни... мажбурий даволанишга юбориш керак, — деди у Зоҳидга.
— У ёққа юбориш вақти ҳам келади. Аввал терговни тугатиб олайлик.

Бошлиқ Зоҳиддан тайинли гап ололмаслигини билиб, Ҳамдамга савол назари билан қаради.
— Гувоҳлар сохтага ўхшайди, — деди Ҳамдам бошлиғига. Кейин Зоҳидга юзланди. — Менга қара, прокурор, мижғовлик қилмай тўғрисини айтиб қўя қолмайсанми, —у яна бошлиғига қаради. — Бу бола винзаводни ҳам кавлаштирмоқчига ўхшайди. Феълини биласиз-ку?

Мирсултонов яна столни чертди.
— Яхши, яхши, — деди у Зоҳидга қарамай. — Феълини биламан, бу ўжарнинг. Аввал гапирсам, инсофга чақирсам амалидан ажрашдан қўрқади, дерди. Энди амалидан кўрқадиган бошлиғи бошқа, — у бошини кўтариб Зоҳидга қаради. — Букирни гўр тўғирларкан. Сен кўзингни очиб юр. Букир бўлсанг ҳам шу ёруғ дунёда юравер. У ёққа шошилма. Сенга «Чоқсунла»ни айтиб берибмидим? — бошлиқ кулимсираган бўлди. — Бир тажанг уйғур йигит сочини устарада қирдириб яйраб келаётган экан, қаёқданам ари учиб келибдию нақ бошини чақибди. Йигит арининг изидан югурибди. Етиб, қараса, эски пахса девор ёриғида отнинг калласидай келадиган ин бормиш. У шартта чўп олиб арининг инини обдан кавлабди, ари роса тўзигандан кейин ёриққа бошини тутиб, «Чоқсунла эмди, одаш!» деган экан.

Одатда бошлиқ буни латифа оҳангида айтиб, мириқиб куларди. Бу сафар хазил аралаштирмай, жиддий туриб айтди.
— Сен ўша «Чоқсунла»га ўхшайсан. Лекин сен арининг эмас, нақ ўлимнинг уясини кавлашни ният қилибсан. Жонинг текинга келган бўлса ҳам қадамингни ўйлаб бос. Бола-чақанг борлигини эсдан чиқарма. Мени қандай тушунсанг тушунавер. Қўрқоқ дейсанми, олчоқ дейсанми — нима десанг деявер. Мен осмондаги ҳақиқатдан ердаги жонимни азизроқ биламан. Ҳар куни ҳақиқат, адолат деб жавраётганларга ҳам жон ширин. Сен уларнинг гапларига учма. У ҳақиқат деб бошимизни айлантириб, бизни кушхонага бошлайди. Ўзи қўнғироқли серка сингари ўтиб кетади. Пичоққа сенга ўхшаган лақмалар дуч келади.

Зоҳид собиқ бошлиғининг гапларини тоқат билан эшитди. Авваллари бирон масала хусусида гап талашгудай бўлса, бошлиқ қўрс муомала қилар, силтаб-силтаб ташларди. Ҳозирги муомаласи, синиқроқ оҳангда, насиҳат тарзида гапириши Зоҳид учун янгилик эди. Бошлиқнинг асл қиёфаси қайси — ҳозир жонли одамдай куйиб гапиришими ё аввалги темир одамдай терслигими — Зоҳид фарқламай қолди. У собиқ бошлиғига «ҳа» ҳам, «йўқ» ҳам демади. Қишлоққа ҳар борганида онаси ҳам шундай гапларни кўп айтарди. Ўзингни ўққа-чўққа ураверма, деб илтижо қиларди. Онаси-ку унга куйганидан айтарди. Бошлиқ-чи? Наҳот, Зоҳиднинг тақдирига у ҳам куйинса?

Зоҳид сиз билан биз каби дунёдан адолат изларди, ҳақиқат топмоқ истарди. Унинг назарида ҳақиқат қаердадир кул остида ёки бир уюм ахлат остида ётган ҳайкалу уни топиб, тозалаб, тиклаб қўйса олам гулистон бўлади. Мана шу кучли истак уни ён атрофидаги одамлардан руҳан узоқлаштирарди. «Излаб овора бўлма», деганлар у учун ожиз махлуққа айланарди. Бу одамлардан фазилат излашга ҳаракат қилмаёқ қўйган. Собиқ бошлиқни ҳам шулар қаторига қўшган эди. Бошлиқнинг ҳам одам эканини, озгина бўлса-да, инсоний фазилатлардан баҳраманд эканини ўйламасди. Собиқ бошлиқ уни ёмон кўргани билан тақдирига бефарқ қараёлмас эди. Мана, ўзингиз тасаввур қилиб кўринг: сиз ҳам кимнидир ёмон кўрасиз. Ҳа, ҳа, яширмай бўйнингизга олаверинг. Барчани бирдай яхши кўриш мумкин эмас. Хуллас, сиз ҳам кимнидир ёмон кўрасиз. Лекин ўша одамни ўлдириб кетишса ачинмайсизми? Ачинасиз. Ҳатто уни ёмон кўриб юрганингиз учун, саломига алик олмай қўйганингиз учун ўзингизни лаънатлайсиз. Агарчи бу фожиадан қувонсангиз, «ўлдириб кетишгани яхши бўлибди», десангиз, у ҳолда сиз одам эмассиз. Шу ўринда «одам эмассиз, ҳайвонсиз», десам қўполлигим учун ранжийсиз. Аммо бошқа бир сабаб билан «ҳайвон» дея олмайман. Буни айтсам, ўша бегуноҳ жониворларни ҳақоратлаган, балчиққа булғаган бўламан.

Чекинишни бас қилиб, яна депара ички ишлар бўлимига қайтайлик. Энди сизга Зоҳиднинг туйғуси қисман маълум. Собиқ бошлиғининг гаплари у қулоғидан кириб, бу қулоғидан чиқмайди. Бу гапларни сўнгги нафасда, жон таслим қилаётганида ҳали эслайди...

3

Зоҳид эрталаб идорасига кирмай Шариф Намозов билан гаплашиш учун шаҳар турмасига келди. Темир тўсиқлардан ўтиб, тергов хонасига кирди. Беш-ўн дақиқадан сўнг эшик очилиб, соқчи кўринди-да, маҳбус олиб келинганини маълум қилди. Сўнг қўлларини орқасига қилиб олган Намозов кирди. Унинг оёқларига кишан урилмаган, лекин қадам босиши занжирбанд маҳбусларникидай оғир эди. Озғин, сийрак сочлари тўзғиган бу одамнинг думалоқ кўзлари ич-ичига ботган, қарашларида эса кишининг раҳмини уйғотувчи илтижо зоҳир эди. Елкасидаги дунё юки оғирлик қилаётгандай бир оз букчайган. У ерга маҳкамланган қаттиқ курсига ўтириб, бошини хам қилди.

Зоҳид чекмаса ҳам ёнида сигарет олиб юрарди. Маҳбусга бир неча нафас тикилиб тургач, чўнтагидан сигарет чиқариб, унга узатди.
— Чекинг.

Шариф индамай қўл узатиб, титроқ бармоқлари билан қутидан битта сигаретни ажратиб олди. Зоҳид унга гугурт узатди. Шариф аввал гугуртга, кейин Зоҳидга қаради. Сўнг сигаретни стол устига қўйди.
— Узр, чекмайман.

Чиндан ҳам Шариф чекмас эди. Ҳозир нима учун сигаретни олганини ўзи ҳам билмади. Кайфи тарқаган бўлса ҳам у ҳануз карахт эди. Турмага қандай қилиб тушиб қолганига хайрон, хаёл уни турли кўчаларга ҳайдарди. Берк кўчаларнинг бирига кириб, тентираб, ундан чиқарди-да, сўнг яна бошқа берк кўчага рўпара бўларди. Унинг эсида қолгани — бошқонга шартта-шартта гапиргани, «фош қилиш қўлимдан келади!» деб катта кетгани. Бошқон «осмон қўлингда бўлса ташлаб юборавер», деди. Шариф «енди бошқон билан юз кўрмас бўлдим», деб ўтирганида, пешинга яқин хонасига кириб келди. Бошқон иши бўлса уни хонасига чақиртирарди. Шариф унинг кириб келганини кўриб «гапим жонидан ўтибди-да», деб ўйлади. Лекин бошқон, уни ҳайрон қолдириб, бир соат илгари бўлиб ўтган нохуш суҳбатни эсламади. Ё «сиздан ўтганини мен кечирдим, мендан ўтганини сиз кечиринг» демади. Кирдию:
— Юринг, кетдик, — деди.
— Қаёққа? — деб ажабланди Шариф.
— Сатторникига, бугун отасининг йигирмаси.

Шариф бир баҳона топиб, тўйга бормаса бормасди, аммо маъракалардан қолиб бўладими? Шу боис индамай туриб, бошқонга эргашди. Бошқоннинг машинасига яна идоранинг икки ходими ўтириб, тўртовлон йўлга чиқишди. Маърака бўлаётган кўчани тўпланиб турган беҳисоб машиналардан ҳам билса бўларди. Одамлар ҳам қатор тизилишиб, ичкари кириб ош еб чиқиш учун навбатда туришарди. Тўғри, уларнинг мақсади қоринни тўқлаб кетиш эмас. Ният — марҳум руҳини эслаш, хонадон эгаларига ҳамдардлик билдириш. Шундай бўлса-да, Шарифга навбатда туриш малол келарди. У ўзича «оббо», ярим соат турарканмизда», деб қўйиб машинадан тушди-да, одамлар қаторида туриб четга чиқмоқчи эди, бошқон «бу ёққа юраверинг», деб ҳеч қаёққа қарамай тўғрига йўл олди. Саттор уларни кўрибоқ пешвоз чиқиб, қўшқўллаб сўрашди-да, уйга бошлади. Катта ҳовлидаги барча ўринлар банд. Хизматдагиларнинг қўли қўлига тегмайди. Бошқон билан келганларни алоҳида иззат билан ичкарига, уйга бошлашди. Кенг, нақшинкор уйга зиёфатлардагидай дастурхон ясатиғлиқ, ташқаридан эшитилиб турган тиловат овозлари демаса, зиёфатга келдик, деб ўйлаш ҳам мумкин эди. Бошқоннинг ўзи, Шарифни ҳайрон қолдириб, қироат билан қуръон тиловат қилди. Чой кирди, нон синдирилди. Шариф «енди ош кирар», деб ўйлади. Аммо яна чой кирди. Иккала чойнакни олган идора ходими бошқонга қаради:
— Оқиданми ё қизилиданми, хўжайин?
— Ўлдирса ҳам қизили ўлдирсин.

Шариф «маъракаларда ичиляпти», деган гапни эшитган, аммо ўзи бунга ҳали гувоҳ бўлмаганди. Унга ҳам қуйиб узатишгач, бир ижирғанди-ю, олмади. У художўй эмасди. Бошқон каби тиловат қилиш ҳам қўлидан келмас эди. Аммо бундай маросимда ичишдан ҳазар қиларди. Кўкрагида уйғонган бир ҳис нафрат уйғотар эди. Ҳозир шу нафрат билан бошқонга қаради:
— Бу ёғи ўрисча бўп кетди-ку? — деди.
— Олаверинг, гуноҳи менинг бўйнимга, — деди бошқон. Кейин қўшиб қўйди: — Ният билан олса гуноҳи йўқ. Бунинг кайфи ҳаром, ўзи ҳалол. Узумнинг сувини шу пайтгача биров ҳаром демаган. Саттор «отамнинг жойи жаннатда бўлсин», деб ният қилиб дастурхон ёзган. Кимда-ким шу ниятига етмасин деса, майли, олмасин.

Шариф шу гапдан кейин ҳам ичмади. Кейин шунга ўхшаган гап яна қайтарилгач, уни ҳам шайтон йўлдан урди. Гўё унинг айби билан марҳум дўзах оловида қовурилаётгандек туюлиб, бир-икки хўплам ичди. Кейин эса... Сўнг бу «маърака»дан чиқиб, кимникигадир зиёфатга киришди. Гапдан гап чиқди. Бошқонга нимадир отгани эсида. Кейин... ўзини қамоқда кўриб «битта-яримтани ўлдириб қўймадимми», деб ҳам ўйлади.

Ҳозир терговчи узатган сигаретни олганида шу даҳшат исканжасида ўтирган эди. Шу талвасага банди бўлиб, сигаретга қўл узатганини ўзи ҳам сезмади
— Мен Зоҳид Шариповман. Шаҳар прокуратурасининг терговчисиман. Айбингизни биласизми? — деди Зоҳид унга тикилиб.
— Йў-ўқ... — Шариф Намозов ўзининг овозини ўзи базўр эшитди.
— Сиз қорадорифурушликда айбланяпсиз. Уйингиздан катта миқдорда қорадори кукуни топилган. Портфелингиздан ҳам. Халтачаларда бармоқ изларингиз бор.
— Нима дедингиз? Қорадори... фурушлик? Менинг уйимдан... Портфелимдан... — Намозов Зоҳиддан «адашибман, гуноҳингиз бошқа» деган гапни кутиб, илинж билан тикилди. — Сиз... адашмаяпсизми? Гуноҳим бошқадир?
— Яна қандай гуноҳингиз бўлиши мумкин?
— Гуноҳимми? — Намозов дафъатан жавоб беролмай чайналди. — Масалан... бировни ургандирман... Кайфда бўлади-ку?
— Бировни урган бўлсангиз, бу иш билан шаҳар прокуратураси шуғулланмас эди. Адашганимиз йўқ.

Намозов енгил тин олди. Елкасидан тоғ ағдарилгандай бўлди. Зоҳид ундаги ўзгаришни сезди. У Намозов айбномани дарров рад этади, исбот талаб қилади, деб ўйлаган эди. Индамай ўтиришига қараб, «бўйнига олдими», деб таажжубланди.
— Нимага индамаяпсиз?
— Мен... очиғини айтсам, одам ўлдириб қўйибманми, деб қўрқувдим.
— Қорадорифурушликни енгилроқ жиноят деб ўйлаяпсизми?
— Сизнинг тилингизда енгилми ё оғирми, билмайман. Балки униси учун ҳам, буниси учун ҳам отарсизлар. Лекин мен учун одам ўлдириб отилди, деган номус ёмон.
— Қорадори ўнлаб ёш жонларни ҳалок қилади. Бунисига нима дейсиз?
— Нима дердим, бунга қорадори сотадиганлар жавоб бераверсин.
— Сиз-чи?
— Умримда қилмаганман бунақа ишни.
— Ўзингиз ҳам истеъмол қилмаганмисиз?
— Нимани? Қорадориними? — Намозов бош чайқади.
— Қонингиз текширилганда таркибида қорадори топилган. Сиз фақат ароқдан эмас, қорадоридан ҳам маст эдингиз.
— Ёлғон.
— Сизга судмедекспертиза хулосасини кўрсатамиз. Ҳозир эса... билагингизга қаранг.

Намозов шошилиб пиджагини ечди-да, енгини шимариб билагига қаради. Йўғон томир устида билинар-билинмас игна изини кўриб, Зоҳидга даҳшат назари билан қаради. Унинг юмалоқ кўзлари янада катталашгандай бўлди.
— Тамом! — деди у титроқ овозда.
— Нима тамом! — деди Зоҳид тушунмаган одамдай.

Намозов бошини эгиб, худди ўзи билан ўзи гаплашаётгандай деди:
— Мен ажал билан ўйнашган эканман... — у бошини кўтариб Зоҳидга қаради. — Менинг бўларим бўпти. Бола-чақам омонми, фақат тўғрисини айтинг.
— Хотинингизни кўрдим. Болаларингизни...
— Болаларим ойимникида эди.
— Сиз кимдан қўрқяпсиз?
— Кимдан қўрқяпсиз? Мен қўрқмайман. Қўрққанимда бу ерда ўтирмас эдим...

Зоҳид қалин дафтар очиб, таомилга кўра Намозовни сўроқ қила бошлади. Исм-шарифини, туғилган йили, кунини сўради. Намозов саволларга қисқа, совуқ оҳангда жавоб берар эди.
— Қорадорини сизга ким етказиб берар эди? — деб сўради Зоҳид асосий мақсадга кўчиб.
— Танимайман, — деди Намозов гап оҳангини ўзгартирмай. У қамоққа кимнинг истаги билан келиб қолганини англаган, пухта ўйланган тузоққа тушганини фаҳмлаган эди. Тузоқдан қандай қутулишни билмас эди. Терговчи ҳам балки уларнинг одамидир, деган ўй уни ночор аҳволга солиб қўйган, на очиқ гаплашишни, на ўзини гўлликка солишни биларди. Қисқа муддат ичида танланиши мумкин бўлган ягона йўл — «билмайман» деб туриш. Зоҳид унинг тутган йўлини кўра билди. Шунинг учун арқонни узун ташлаб, сўроқни давом эттирди:
— Мижозларингизни айтинг?
— Танимайман.
— Қанчадан олиб, қанчадан пуллардингиз?
— Килосиними?
— Айтайлик, килосини?

Намозов ўйланди. Ўзича чамалади.
— Минг сўмдан олиб, бир ярим мингдан сотардим.
— Демак, килосидан беш юздан қоларкан-да?
— Ҳа, шунақа.
— Кўпдан бери сотармидингиз?
— Кўпдан... уч-тўрт йил бўлди.
— Пулни нима қилардингиз?
— Пулними? Еб-ичиб...
— Мени лақиллатмоқчимисиз?
— Саволларингизга тўғри жавоб беряпман-ку?
— Қорадорининг килоси минг сўм эканми? Қайси аҳмоқ ишонади бу гапга? Сиз илмдан бошқа нарсаларга ҳам ҳеч аралашганмисиз?

Намозов «илм» деган сўзни эшитиб, худди «дафтарим уйда қолибди», деб ёлғон гапириб қўйиб уялган боладек бошини эгди.
— Ёлғонни эплаган одам гапириши керак, — деди Зоҳид аччиқланиб.

«Тўғри, — деб ўйлади Намозов, — бунга ҳам истеъдод лозим. Мен ҳатто оддий ёлғонни ҳам эплай олмайман. Ёлғондан қуллуқ қилсам, ёлғондан жилмайиб қўйсам... аллақачон академик бўлиб кетармидим... Насиба «бунчаям ношудсиз-а», деб тўғри айтади...»
— Менга тўғри гапни айтинг. Мен қорадорифурушлигингизга ишонмайман. Агар «йўқ, чиндан ҳам қорадори сотардим», десангиз, қани, мени ишонтиринг-чи?

Шариф қотмадан келган, қорача бу йигитга ажабланиб қараб, базўр кулимсиради.
— Ишонтиринг, дейсизми? Мен жиноятчи эканимга сизни ишонтиришим керакми? Қизиқ-ку?
— Ҳа, қизиқ. Аслида мен сизни ишонтириб, айбингизни бўйнингизга қўйиб, қаматишим керак.
— Айблайверинг. Мен тонмайман. Бошга тушганни кўз кўрар экан. Бир-икки йил ўтади-кетади. У дунёдан ҳали ҳеч ким қайтмаган. Қамоқдан эса эсон-омон қутулиб чиқиш мумкин.
— Бир-икки йил денг?.. — Зоҳид ўрнидан турди-да, столни айланиб ўтиб, маҳбуснинг қаршисида тўхтади. Намозов «урмоқчими?» деган хавотир билан қараб, турмоқчи бўлди. Зоҳид уни елкасига қўлини қўйиб, «жилманг» деган ишора қилди. — Бир-икки йил эмас, сайру саёҳат узоқроқ давом этса керак.
— Ўн йил бўлмайдими, менга деса.

Зоҳид аччиқланиб, маҳбусни икки елкасидан маҳкам ушлаб бир-икки силтади.
— Сиз мен билан олди-сотти қилманг. Бўладиган гапни айтинг, кимдан қўрқяпсиз?

Шариф унинг кўзига қараб олди. Яқиндагина мулойим боқиб турган, ишонч уйғотиши мумкин бўлган нигоҳда жаҳл учқунларини кўриб «Энди дўппослайди», деб ўйлади. Бошини эгиб, гарданига мушт тушишини кутди. Ҳатто гардани тошдай қотиб, зириллай бошлади. Мушт тушса, оғриқ тарқаб, енгил тортадигандай туюлиб, «урса урақолмайдими» деб ўйлади. «Кейин калтакдан одам ўлмайди. Одам қаторига кириб калтак есам ебман-да. Бола бўлиб биров билан муштлашмабман, бировдан тузукроқ калтак емабман. Ана энди, донғим чет элга чиқиб турганида бир бефаросат саваласа. Лиссабонда ҳозир менинг таърифимни келтириб мақташаётгандир. Бу ерда калтак еяётганимни тасаввур ҳам қилишмаса керак...»

Шариф кутгандай мушт тушмади. Зоҳид уни қўйиб юбориб, жойига қайтди.
— Сиз олим одам экансиз. Агар заводда оддий хизматчи ёки оддий ишчи бўлсангиз, нимадан қўрқаётганингизга тушуниб етардим. Бирга ўғирлик қилган шерикларидан чўчияпти, дердим. Ҳозир жойингизга қайтиб, ўйланг.

Эшик очилиб, соқчи кирди. Маҳбус томон икки қадам қўйди.
— Тур, — деди совуқ оҳангда. Шариф турди. — Қўлингни орқага қил.

Шариф итоат этиб, буйруқни бажарди.

«Жойингизга бориб, ўйланг» эмиш, — деб фикр қилди у, қамоқхонанинг узун даҳлизидан борар

екан. — Энди бу ер менинг жойим бўлиб қолдими? Менинг жойим... Ёмон эмас. Лаҳадга нисбатан шу ер тузук. Болаларим омон бўлса бас. «Катта миқдорда қорадори топилди», дейди. Катта миқдори қанча? Ўн минг сўмликми? Ё кўпроқми? Шунча қорадорини уйимга ташлаб қўйган бўлса, бу терговчиларига ҳам сарф-харажат қилишгандир? Агар бу болага ҳам беш-ўн минг сўм берилган бўлса, умумий ҳисобда... нархим чакки эмас экан-да? Ўн беш, йигирма минг сўмлик одам эканман-да? Баъзи бировларни сариқ чақага ҳам олишмайди. Менга шунча пул сарфлашибди. Бойваччалар бировни қамоқдан чиқариш учун пул сочишарди. Менга келганда қамоққа тиқиш учун сарфлашди. Ўн беш, йигирма минг уларга пулми? Бир кунда чиқариб олишади. Мен уларга ёқмай қолган эканман, шунча овора бўлиб, найранг ишлатиб, пул кетказиб юрмай, шартта ўлдириб юбора қолишса яхши эмасмиди?

Ё ўлдириш қимматроқ тушармиди? Бе, уч-тўрт юз сўм билан тинчитишарди. Битта алкашни ёки гиёҳвандни ишга солишса тамом-да. Лекин қон тўккилари келмабди. Нимага? Инсоф қилишдими? Инсофни қаёқдан олишди? Ё қўрқишдими? Келиб-келиб мендан қўрқишадими? Ё менинг бурнимни ерга ишқаб, мулла қилишмоқчи бўлишдими? «Мулла» бўлган тақдиримда улар нима наф кўришади? Барибир энди ўша заводга қайтиб бормайман-ку?»
— Тўхта, деворга юзланиб тур.

То шу буйруқ янграгунча, камера эшиги тарақлаб очилгунча мана шу хаёллар Шарифга ҳамроҳ бўлди.

4

Зоҳид маҳбус чиқиб кетганидан кейин ҳам бир неча фурсат ўрнидан қўзғалмади. Прокуратура терговчиси билан жиноят қидирув инспекторининг ишида катта фарқ борлигини мана шу биринчи қадамидаёқ аниқ ҳис қилди. Унинг назарида прокуратурадаги иш осонроқ туюларди. Прокуратура ходимлари унинг кўзига лоқайд тўралар сифатида кўринарди. Унинг аввалги иши жиноят изига тушиш, жиноятчини ушлашдан иборат эди. Қолганини жиноятнинг катта-кичигига қараб ё шаҳар, ё депара прокуратурасига ўтказиларди. Терговчилар савол-жавоб қилиб ишни судга оширишарди. Энди эса собиқ ҳамкасби — жиноят қидирув инспектори ушлаб берган жиноятчининг тақдири унинг қўлида. Биринчи жиноятчи — олим. Яқиндагина олимлик шоҳсупаси томон дадил бораётган, акаси ўлимидан сўнг шартта бурилиб, бошқа йўлга ўтган, дам-бадам олимлик кўчаларида хаёлан сарсари кезувчи йигит янги ишда илм одамига йўлиқиб турса! Тақдир уни синамоқчими?

Зоҳид юраги сиқилиб, дафтарга формулаларни беихтиёр ёза бошлади. Унинг одати шу — юраги сиқилса, калаванинг учини йўқотиб, гаранг бўлса, беихтиёр равишда формулалар ёзиб, ечиб чиқара бошларди. Ёд бўлиб кетган Эйнштейн назариялари ёки ҳисоб оламининг ечими мушкул рақамлари дафтар саҳифаларини тўлдирарди.

У ҳуқуқ соҳасига буюк умид билан ўтган эди. Адолат тикламоқни истаб эди. Бир деҳқоннинг боласига ҳаётда нима керак? Кунда бир коса овқатга қорни тўйган, овқат бўлмаган тақдирда нон-чойга қаноат қилган, эгнидаги кийимининг енги то тирсагига келиб, калта бўлиб қолгунича янгисини кўрмай ўсган бола подшолик тахтини талаб қилармиди? Отасининг ёнида кетмонига сиғиниб яшаган, раис бува марҳамат этган дамда мактабда ўқиб, бошқа пайт далада кесак ялаган бола дунёга танилувчи олим бўлиш орзусида юрармиди? Қарангки, шундай бўлиши мумкин экан. Акаси шаҳардаги олий ўқишга кирганида Зоҳид тўққизинчи синфда эди. Бир томондан акасига ҳавас қилиб, яна бир томондан риёзиёт муаллими қизиқтириб ўқишлари бирмунча яхшиланиб, оқибатда олтин нишонга даъвогар бўлиб қолди. Дунёнинг ажабтовурлигини қаранг-ки, сувчининг ўғли шундай эътиборга, яъни, даъвогарликка лойиқ экан. Аммо паловнинг масаллиғи билан шавла пишириш мумкин бўлганидек, аълочи бола олтин нишон олавермайди. Паловни дамлаётганда бир пиёла сувни меъёридан кўпроқ қуйиб юборсангиз, қўлбола шавла ейсиз, ўқув давомида мингта «беш» олиб, биттагина «тўрт»га илинсангиз, олтин нишонни тушингизда кўриб, аълочи бола сифатида мактабдан учирма бўласиз. Албатта, билим берган муаллимларингизга мингдан-минг раҳматлар айтишни унутмайсиз.

Сизни билмайман-у, аммо Зоҳиднинг бошига шундай савдо тушган. Пешонасига «жамиятшунослик» деган фандан битта «тўрт» олиш ёзилган экан, нима қилсин бечора. Риёзиёт муаллими бир ёндан, акаси бир ёндан тарғиб қилиб, уни Масковдаги олий ўқишга боришга кўндиришди. Шу муносабат билан отаси битта сигирни сотадиган бўлди. «Иккита сигирни боқиш азобидан қутуламан. Бир оилага битта сигир етади-да, кузга бориб туғиб берса, яна иккита-да...» деди отаси. Отаси кўп аломат одам-да. Худо уни яратишга яратиб, сўнг унутиб қўйганми, ҳар ҳолда шундайгина яралганича қолаверган — устомонлик, ҳийла, макр, ёлғон деган неъматлардан бебаҳра юраверган. Йўқса, битта сигирнинг пули билан ўғлим катта ўқишга кириб, катта одам бўлиб кетади, деб ўйлармиди. Телевизорни дастлаб кўрган маҳалда ғунча лабли қизга кўз қисиб, имлаб қўйиб бир ҳафта ўзича хурсанд бўлиб юрган одамнинг ўғли вояга етиб Масковдай жойда ўқир экану сигирдан воз кечиши нима экан?..

Ҳам тижорат, ҳам саёҳат деганларидай, риёзиёт муаллими ҳам борган эди Масковга. Ёзма имтиҳондан «уч» олгач, тарвузлари қўлтиқларидан тушди. Зоҳид масалани ёд қилиб олган эди, муаллимига ёзиб кўрсатди — тўғри чиқди. Муаллим имтиҳон олувчилар билан баҳслашди. Фойда бермади. Оғзаки имтиҳонни «тўрт» баҳога топшириб, рус тилидан «икки» олдию «сигирнинг жони шуларга худойи бўлди-да», деб қайтишди. Улар «Тошкент ўқишхоналарида порахўрлик кучли, Масковда инсоф бор», деган умидни, ўйни ўша ёқнинг ўзига кўмиб келаверишди. Зоҳид кетмонни елкасига ташлаб, отаси билан далага чиқди.

Колхозда ўн беш кун озодлик эълон қилиниб, кунига тўрт-бештадан тўй ўтаётган кунларда қишлоққа тепакал бир ўрис жингалак сочлари оқариб кетган бир ўзбек билан бирга келиб, Зоҳидни суриштирди. Зоҳид уни таниди: Масковда оғзаки имтиҳонни шу одамга топширган эди. Унинг муаллим эканини биларди, бироқ, риёзиёт бўйича етук мутахассис эканидан бехабар эди. Жингалак сочлари оқарган ўзбекни эса Зоҳид танимади.
— Ёзма имтиҳондаги масалани мен тузган эдим. Унинг иккита ечими бор эди. Сен ечимнинг учинчи йўлини топган экансан. Кейин фикрласам, сен топган йўл маъқулроқ экан. Сен келгуси йили Москвага албатта боришинг керак. Мана, Ҳабиб Сатторович сендан хабар олиб турадилар. Бу киши менинг шогирдим. Сен менга кенжа шогирд бўласан.

Зоҳид бундан беҳад хурсанд эди. Гўё олий билимгоҳни битириб келгандай қувонганди. Бироқ, муаллими тушмагур ишни бузди.
— Зоҳид энди Масковга бормайди, ўртоқ профессор. Билимгоҳингизда Ўзбекистон учун нечта ўрин ажратилган? — деб сўради. — Биттами? Бу йил ким кирди? Сизга ёлғон, менга чин — министрнинг ўғли кирди. Карра жадвални биладими ё йўқми, менга қоронғи. Лекин у имтиҳонларни «беш»га топширди. Сиз тузган масалани ҳам зўр қилиб ечиб бергандир. Ўзбекистонда министр деганлари кўп, уларнинг болалари кўп. Ҳар йили биттадан сигир сотишга бизнинг қурбимиз етмайди. Камбағалнинг боласи қадимда ҳам ўқиёлмаган, ҳозир ҳам ўқиёлмайди. Катта олимлар, катта одамлар таржимаи ҳолида камбағалдан чиққанман, етимхонада ўсганман, деб ёзишади. Бари ёлғон! Ҳаммаси бойнинг болалари. Ҳаммаси отасининг олтинлари туфайли ўқиб одам бўлган!

Муаллимнинг бу гаплари Зоҳиднинг отасига маъқул келиб, «ўғлим Масковда ўқисин» деган умидидан воз кечди.

Кетмонини тинчгина чопиб юрганида, келгуси ёз бошларида Ҳабиб Сатторович деган одам яна келиб, эски гапни қўзғади. Узоқ давом этган музокаралардан сўнг томонлар сулҳга келишдилар — Зоҳид Масковда эмас, Тошкентда ўқишга рози бўлди. «Майли, олий маълумотни Тошкентда олсин, бироқ, аспирантурани албатта Москвада ўқийди», деди Ҳабиб Сатторович. Ўқишнинг иккинчи йилиёқ, Зоҳид олимлар назарига тушди. Унинг имкониятлари, келажаги ҳақида умидли гаплар бошланганди. Бироқ, акасининг ўлими, терговчилар, ҳакамларнинг номардлиги барча имконияту умидни парчалаб ташлади. Зоҳиднинг елкасига бир шайтон миниб олиб «бу ўқишни ташлайсан, ҳуқуқ илмини оласан, бу аблаҳларга қарши курашасан, адолатни тиклайсан, бечораларга суянчиқ бўласан», деб минғирлайверди. Зоҳид бу гапларга кўнди. Тўнғич ўғли дардида қадди букилган отага ҳам шу фикр маъқул келди.

Мана, орадан йиллар ўтиб, риёзиётчилар умид билан қараган йигит шаҳар турмасининг сўроқхонасида ёлғиз ўтириб, рақамларга рақамлар улаяпти: қўшув, бўлув, олув, сўнг илдиз остидаги рақамлар... Буларни ечиш унга чўт эмас. Аммо адолат формуласига тиши ўтмаяпти. Не-не алломаю донишмандлар еча олмаган масалага унинг қурби етармикин?

III боб

1

Шаҳар марказидаги эътиборли идоранинг ертўласида видеобар очишди. Ертўлага иморатнинг биқинидан тушилади. У очилмасидан илгари ертўлада идоранинг эски-тускилари сақланарди. Икки йил муқаддам идора ертўлани таъмирлаш учун катта миқдорда маблағ ажратди. Айрим маҳкамалар эшикларини бўятиш учун пул тополмай сарсон юрганида бу идорага икки юз минг сўм ажратилиши ҳукуматнинг хотамтойлигими ёинки идоранинг эркалигими, билиб бўлмади. Қайта қуриш деган нарса билан боғлиқ воқеалар шунчалар шиддатли эди-ки, «халқ аранг тирикчилик қилаётганида ертўлани таъмирлашга бало борми» дейдиган одам топилмади. Зимдан қараганда халқ ғамини чекиб юрувчи бу идора ходимлари ҳам гўё оёқлари остида нималар содир бўлаётганидан бехабар эдилар. Ертўла таъмир этилиб, Асадбек ихтиёрига ўтгач ҳам «халқ фидойилари»да ажабланиш уйғотмади. Улар оламшумул ишлар билан — халққа озодлик бериш ўйи билан банд эдилар. Оёқлари остида нималар бўлаётгани эса уларни қизиқтирмасди.

Асадбекнинг қароргоҳи учун жой лозим экан, тузукроқ иморатга қаҳат келибдими? Айниқса идоралар сони қисқараётган дамда бирон иморатни ижарага олишдан осонроқ иш йўқ. Шаҳар ижроқўмининг раҳбарларидан бири бу юмуш билан шахсан шуғулланиб, Асадбекнинг янги идораси учун кўп жойларни тавсия этди. Асадбек барча қулайликларга эга иморатлардан воз кечиб, шу ертўлани танлади. Ертўлага иморат ичидан йўл бор эди. Асадбек ихтиёри билан иморат биқини кавланиб, зинапоя қилинди, қалин пойдевор тешилиб, эшик очилди. Ертўлага икки томондан кириб-чиқиш имкони туғилди — шуниси бехавотирроқда. Давлат ажратган икки юз минг сўм билан бир ишнинг уддасидан чиқиш мушкул. Асадбекнинг беш юз минг сўми хароб ертўлани ўн икки хоналик шинам саройчага айлантирди. Унинг бир хонаси видеобар, қолганлари иш юритишга, ҳордиқ чиқаришга мўлжалланган эди. Маишатхона, ҳатто ҳаммом ҳам назардан четда қолмади.

Юқорида халқпарварлар мажлисдан бўшамай томоқ йиртишади. Пастда эса Асадбек ўз ишини юритади. Ҳамманинг назари юқорида. Паст билан бировнинг иши йўқ. Видеобарда чой, қаҳва, шарбатдан бўлак ичимлик йўқ. Очилганидан бери бирон марта ҳам хориж филмини кўрсатмади. Бисотида уч-тўрт мултфилм, эски ҳинд филмлари, Шералининг, Ғуломнинг контсертлари... Бу ерга кунда бешта одам кирса киради, бўлмаса йўқ. Булар — кундузнинг манзараси.

Тунда видеобар ўзгача манзара касб этади. Соат ўн бирларга яқин иморат олдида иккита милитсионер пайдо бўлади. Сўнг оппоқ «Волга»лар бир дақиқага тўхтаб ўтишади. Ундан тушган сипо одамлар атрофга аланглаб олиб, ертўлага шўнғишади. Мажлислардан хориган халқпарварларнинг етакчилари кўча томондан эмас, ичкаридаги зинадан тушиб борадилар. Тун ҳукми заптига олганида оқ «Волга»лар яна бирин-сирин пайдо бўладию эгаларини олиб жўнайди. Шундан кейин милитсионерлар ҳам ғойиб бўлишади. Тонгга яқин усти берк юк машинаси идора орқасидаги дарвозадан ҳовлига киради. Бўш шишаларни ортиб жўнайди. Унинг изидан «РАФ» келиб тўхтайди. Бири биридан ширин қизлар машинага илдам чиқиб ўтиришади. Соатга қараган киши юк машинасининг уч, «РАФ»нинг бир дақиқада иш битириб жўнаганига гувоҳ бўлади.

Идорада қоровуллик қилувчи ёш, чапдаст йигитлар барча ишни вақтида, аниқ бажарилишини таъминлайдилар. Қайта қуриш шарофати билан барча идоралардаги кекса ходимлар ўрнини иқтидорли ёшлар эгаллаганидек, пенсия пули тирикчилигига етмай, шу қоровуллик маошига кўз тикувчи қариялар тантана билан кузатилиб, улар ўрнига тоғни бехосдан уриб талқон қилиб юбормасликлари учун камтаринроқ ишни истаган йигитларни олишди. Бу йигитлар идорага кирувчи ҳар бир кимсага салом бергучи, бағоят одобли ҳам эдилар.

Асадбек ҳар уч йилда қароргоҳини ўзгартирарди. Дастлаб гуруҳбоши бўлиб иш бошлаганида Эски Жўвадаги пастқам уйни ижарага олган эди. Вассажуфт, қорасувоқ уйда туни билан ароқ ичиб, чекиб чиқиларди. Лекин эртасига бу уйга кирган одамнинг димоғига қўланса ҳид урилмасди. Шунинг учун ҳам Асадбек ўша дастлабки қароргоҳини кўпроқ ёқтирарди. Орадан йиллар ўтиб, қароргоҳларини кўп ўзгартирди. Мана бу янгиси хон саройидек безалди. Лекин кўнгил қурғур барибир ўша қорасувоқ уйни қўмсаб қолади.

2

Янги йил кутиш баҳонасида тунни бедор ўтказган шаҳар тонгни кўзда уйқу билан кутиб олди. Кимдир туни билан телевизор кўриб, кимдир улфатлари билан тўйиб ичиб, кимдир жононлар билан тўйиб маишат қилиб, энди ҳордиқ чиқарар эди. Бундай байрамлар Асадбекнинг одамлари учун ҳаром, у байрам кунлари яйрашни, маишат қилишни қатъиян таъқиқлайди. Унинг назарида айнан шундай кунда қопқонга тушиб қолиш мумкин. Одамлари бунга кўникиб кетган. Асадбек вазият ва имкониятга қараб эълон қилган байрам кунлари яйраб олишади.

Янги йилнинг биринчи куни шаҳар уйқудан турмай, видеобар эшикларини очди. Бошқа кунлардан фарқли ўлароқ, бу тун видеобар ишламади. Оқ «Волга»лар ҳам тўхтаб ўтмади.

Видеобар оғаси, чақчайган кўзларидан бирон-бир маъно уқиш мушкул бўлган, қалин мўйлови туртиб чиққан тумшуғига ҳусн бериш ўрнига баттар хунуклаштирган барзанги йигит хорижнинг қизил духоба қопланган юмшоқ курсисига ястаниб олган эди. У гўё телеекрандаги мултфилмни томоша қилар, хаёли эса ён курсида ўтирган, башанг кийинган, кўзларида саросима сузаётган одамда — вино заводи бошқони Қилич Сулаймоновда эди.

Бошқон саҳар чоғи видеобар эшиги очилиши билан пайдо бўлди. Видеобар оғаси ҳам, пештахтани артаётган хушбичим қиз ҳам унга «нима учун келдингиз?» демади. Ўн саккизни қоралаган хушбичим қиз вазифасини аниқ билади: чой, қаҳва қайнатиш, келган-кетганларга эътибор бермаслик, видеобар эгаси имо қилган одамга қараб ширин жилмайиб қўйиш. Видеобар оғаси ҳам вазифасини аниқ билади: салом-аликни жойига қўйиш, келган одамларнинг, танишми ё нотанишми барибир, ҳаракатини синчиклаб кузатиш, ортиқча гаплашмаслик, савол бермаслик. Ана шу вазифасига амал қилгани учун ҳам, Қилични яхши таниса-да, салом-аликдан нарига ўтмади. Сўфи таҳорат қилишга улгурмай бу одам етиб келибдими, демак, сабаби бор. Демак, аъёнлар, сўнг хўжайин ҳам келадилар. У ичкарини тайёрлаб қўйган. Бундан кўнгли тўқ. Видеобар янги йил кечасида ташқаридан зулфинлангандай кўринса-да, ичкарида ҳаракат тўхтамаган эди. Тўртта телефон қўйилган хонадаги икки қиз, пештахта ортидаги хушбичим қиз гўё хуру ғилмон сингари видеобар эгасига бир кечалик жаннатни беришган, базм қуришган эди. Тонгга яқин базм энг ширин ерида барҳам топган, хоналар саришта қилиб қўйилган эди. Базм иси хўжайин димоғига етиб борса, қай кунларга тушишларини билишса-да, бу тун шайтон йўриғидан чиқишолмаганди. Уларга биров келиб «бу гуноҳингиз яратганга маъқулмас, энди жазолайди», деса «тавба қиламиз, худо кечиради», дейишлари мумкин. Аммо «Асадбек бу ишингиздан хабар топди» деса, юраклари ёрилиб ўлишлари ҳеч гап эмас. Чунки Асадбекнинг кечирмаслигини барчалари билишади. Била туриб ўзларини тийишолмади. Нима қилишсин, тирик жон...

Қилич иккинчи пиёладаги чойни ичиб улгурмай эшик очилиб, жуссаси кичик, эти устихонига ёпишган, қалдирғоч мўйлаби ўзига ярашган одам кўринди. Бу одамни яхшилаб таниб олинг: Ҳайдар Асроров, лақаби Кесак полвон. Асадбекнинг ўнг қўл аъёни. Озғин, чайир бўлгани учун Кесак полвон, деб аташгандир, десангиз янглишасиз. Ҳар бир жамоанинг ички тартиби, расм-русуми бўлганидек, бу оламнинг ҳам ўзига яраша қонун-қоидаси бор. Шулардан бири — бу оламга қадам қўйган ҳар бир тирик жонга лақаб берилади. Лақаб осмондан олинмайди, балки хатти-ҳаракати, феълига қараб топилади. Жуссасига қараб танланганида Ҳайдар Кесак эмас, Тошполвон ёки Темир полвон бўлиши керак. Унинг панжаларини Худо суякдан эмас, темирдан яратган. Гарчи сигир йилида туғилган бўлса-да, Асадбек ҳазиллашиб бунинг мучали мушук, дейди. Бунга сабаб, ёшлик чоғларида, ҳали «карате», «ушу» деган гаплар йўқ пайтида Кесак полвон муштлашгудай бўлса мушукдай сапчиб, уч-тўрт давангирга бас кела оларди. Кесак полвон анчадан бери ўзи муштлашмайди. Ёнида биргина имосига маҳтал бўлиб турган ўзи сингари чайир йигитлари бор.

Кесакполвон хонага кириб, Қилич билан сўрашиб олгунича бир-икки дақиқа вақт ўтади. Салом-алик чоғида эътиборга молик гап-сўз бўлмагани учун, вақтдан фойдаланиб Ҳайдарга Кесак полвон лақаби берилишининг тарихини баён қилай:

Бу воқеа эллик саккизинчи йилда бўлиб ўтган эди. Ҳайдар Асадбек билан янги танишган кунлар. Эрталаб кўпроқ темир йўл бекати атрофида «ов» қилар эди. Поездда келган одамларни зимдан кузатиб, пули бор, деб гумон қилинганларининг изидан тушарди. Бир куни Ҳайдар Намангандан келган икки одамни мўлжалга олди. Яктаги устидан қўшбелбоғ боғлаган ўрта яшар киши унинг эътиборини тортди. Иккала одамнинг қўлида арзирли юк йўқ, белбоғ эса дўмпайиб турибди. Демак, булар бозорга мева-чева олиб келувчи деҳқонлардан эмас. Пулни белбоққа боғлаб тўй-пўй ташвиши билан шаҳарга тушишган. Ҳайдар бунақа одамларнинг феълини билади. Пулни ё маҳси қўнжига ё белбоққа яширишади. Кўпчилик белбоғни маъқул кўради: пул белга дармон, дейишса керак-да. Ҳайдарнинг «мижоз»лари, аксига олгандай, трамвайга чиқишмади. У ёққа тентираб, бу ёққа галдираб, уч вагонли трамвайлар бемалол бўлиб қолди. Энди ишни трамвайда эплаштиришнинг ҳеч иложи йўқ эди. Ҳайдар уларнинг изига тушиб, Олой бозорига қадар борди. Лозим бўлганида ҳимоя қилиш мақсадида Асадбек унга соядек эргашди. Чўнтак, белбоғ кесишга Ҳайдардан ўтадигани йўқ эди. Хуллас, белбоғ кесилди. Кесишга кесдию оғирлигидан ҳайрон бўлди. Панароққа ўтиб қарасаки, белбоғда сариқ чақа ҳам йўқ — беш-олтита кесак ҳафсала билан териб қўйилган. Ҳайдар «бу қишлоқи кўзни шамғалат қилмоқчи экан», деб ўйлади. Аслида шаҳарни бир томоша қилиб келай, деб йўлга отланган бу деҳқон «таҳоратга кесак топиладими йўқми» деб ҳар эҳтимолга қарши белбоғига тугиб олган эди. Ўшанда аламдан бўзариб турган Ҳайдарга қараб туриб Асадбек роса кулди. Лақаб ҳам ўшанда туғилди. Икки ошна бу воқеани тез-тез эслаб, мириқиб кулишади.

Кесакполвон Қилич билан омонлаша туриб, пештахта ортидаги хушбичим қизга қараб олди. Қиз унга ширин жилмайди. Видеобар эгаси бу қарашнинг маъносини дарров илғади.
— Окахон, гап йўқ, шкалад егандай бўласиз, — деди қўлини кўксига қўйиб.

Ҳайдар ичкари кириб кетгач, худди келишиб олингандай Эҳсонов пайдо бўлди.

«Чувринди» деган лақаб барваста, юзлари ҳамиша қип-қизил, овози темир жарангидай бу одамга унча мос келмайди. Ёшлигида олган бу лақабига кўникиб кетган. Асадбек билан Ҳайдар Андижондан келган ўн уч ёшли чувринди бу болани олтмишинчи йилда қанотларига олиб янглишмаган эдилар. Камгап, сермулоҳаза, уришганда эса отасини ҳам танимайдиган беаёв эди бу Чувринди.

Ҳайдар бирон-бир масала хусусида фикр юритилганда тез, аммо саёзроқ хулоса чиқарарди. Маҳмуд эса аксинча эди. Асадбек шунинг учун ҳам кўпроқ Маҳмудга суянарди.

Аъёнлар ичкарига кириб кетишгач, орадан ярим соат ўтиб, телефон жиринглади. Қиз гўшакни қулоғига тутиб, видеобар оғасига кўз тикди.
— Хўжайин келмас эканлар. Бегавотга кетибдилар, — деди айбдор одамнинг овози билан.

Бу гапни эшитган Қилич «кетаверсаммикин?» дегандай видеобар оғасига қаради. Йигит қизнинг хабарига ҳам, Қиличнинг савол-назарига ҳам эътибор бермади. Чунки бу хабарнинг сири хушбичим қизга ва Қиличга номаълум, видеобар оғасига эса ойдай равшан эди. «Хўжайин келолмайдилар» деб қўнғироқ қилиндими, демак, Асадбек ярим соатлардан кейин пайдо бўлади. Ҳозир ичкари хонага ўрнатилган тўрттала телефон ҳам жиринглаб шундай хабар эшитилган. Асадбек, кўнгли нотинч маҳалларда ана шундай найранг ишлатиб турарди. Биронтаси изимга тушса, пойлаб турган бўлса чалғийди, деб шу усулни қўллайди. Бу найранг фақат энг ишончли одамларгагина маълум. Асадбекнинг белгиланган жойга, белгиланган соатда келмаслиги, ё ярим соат аввал, ё кейин пайдо бўлиши ҳам унга аён.

Видеобар оғаси бепарво бўлгани учун Қилич ҳам ноилож мултфилмга тикилиб ўтираверди. Ярим соатда юраги сиқилиб, жони ҳалқумига келди. Охири чидай олмади:
— Мен кетаверайми? — деб сўради.
— Окахон, ўтирибмиза-де чақчақлаши-иб... Чойдан олинг. Бугун оддих бўлса, шошиб қаёққаям борасиз. Ҳозир Шерни қўйиб бераман. Бир мазза қилинг, — у шундай деб хушбичим қизга қаради. Телеекран пирпираб ўчди. Дам ўтмай пирпираб ёришиб, торини қўлтиқлаб олиб қўшиқ айтаётган Шерали кўринди. Шерали учинчи ашулани айтаётганда Асадбек келди. Саломга алик олдию ҳол-аҳвол сўрашмасдан, индамай ўтиб кетди. Видеобар эгаси Қиличга «Окахон, аҳволингиз чатоқ, хўжайиннинг феъли айниган», дегандай қараб қўйди. Қилич бефаҳм одамлардан эмас, Асадбекнинг ранги-рўйига қараб, аҳволи ёмонлигини ўзи ҳам билди.

Асадбек кенг хонага кириб аъёнлари билан саломлашгач, ўртада туриб атрофга синчиклаб қаради. У ичмас ҳам, чекмас ҳам эди. Шунданми, димоғи ҳар қандай исни илғаб, ажрата оларди. Ҳайдар ҳам, Маҳмуд ҳам ярим соатдан мўлроқ вақт шу хонада ўтириб ҳеч нимани сезишмаган эди. Асадбек хонани кўздан кечиргач:
— Бўтқа! — деб бақирди.

Бўтқа — видеобар эгаси Кенжанинг лақаби. У Асадбек кириб кетгач, жойига бориб ўтирмай, эшик оғзида турган эди. Хўжайиннинг қаҳрли овозини эшитгач, шошилиб кирди.
— Лаббай, окахон, — деди қўл қовуштириб.

Асадбек ҳеч нарса демай тескари шапалоқ тортиб юборди. Оғиз-бурни аралаш тушган кутилмаган зарбдан Бўтқа мувозанатини йўқотиб йиқилай деди. Бир уришда одамнинг жонини суғуриб оладиган бу йигит гавдасини ростлаб, «хўжайин, яна уринг, мазза қилдим» дегандай қўл қовуштириб, бошини эгди.
— Шу ерни ҳам ҳаром қилдингми, ҳайвон! — деди Асадбек унга қарамай. Бўтқа хўжайин тикилиб турган нуқтага қараб, жони чиқиб кетгудай бўлди. Кечаси маишат қилиб, хонама-хона изғишганда гангиб бу хонага ҳам кирган, чордона қуриб ўтириб, яланғоч қизларни ўйнатган эди. Хонага кирганида қўлида пиёла бор эди. Конякни ичиб бўшаган пиёлани стол тагига қўйганича унутган экан. Хўжайин кира солиб, шуни ҳам кўрибди. Бўтқа шошилиб пиёлани олди-да, чиқиб кетди.

Асадбек ўз ўрнига ўтмай диванга, Чувриндининг ёнига ўтирди.
— Буларни бичиб қўйишим қолди, — деди ўзига ўзи гапиргандай.

Ҳайдар ҳам, Маҳмуд ҳам Асадбекнинг қизи топилганини, уйга қай ҳолда кириб келганини биларди. Лекин «қизингиз топилибди, энди нима қиламиз», деб сўрашмади. Узоқ йиллар бирга бўлиб, Асадбекнинг кўзига қарабоқ ниятини фаҳмлаб олувчи бу аъёнлар шу вақт мобайнида сабрга ҳам ўрганган эдилар. Улар Асадбекдан олдин гап бошламасдилар.
— Анави тўнкани нима қиламиз? — деди Асадбек, жаҳлдан тушиб.

Гап вино заводи бошқони Қилич Сулаймонов хусусида эди.
— Ўтган куни Хосилбойвачча билан учрашган, — деди Кесакполвон.
— Беш кун аввал ҳам учрашган эди, — деб эслатди Чувринди.
— Топган одамини қара, — деди Асадбек...
— Тинчитиб қўя қолиш керак, — деди Кесакполвон.

Асадбек Чувриндига қаради. Агар у «ҳа» деб қўйса, масала анча ойдинлашарди. Асадбек бошқа фикрда эди, Чувриндидан шу фикрини қўлловчи, ҳеч бўлмаса яқин келувчи гап кутди.
— Ўзи пиширган шўрвани ўзи ичсин, — деди Чувринди. Бу гапдан Асадбек кўнглига равшанлик кирди.
— Тўғри, чақир уни, — деди.

Учовлон йиғилиб, ёнларида бошқа одам бўлмаса, дастёрлик вазифаси Чувриндига юкланар эди. Ҳозир ҳам бу буйруқни малол олмай ўрнидан турди. Унинг эшикни очиб кўриниш беришиёқ Қиличга ваҳм сочди. «Тақдиримни бирпасда ҳал қилишдими?» деган хавотир билан катта хонага кирди. Ҳозир у завод бошқони, шаҳарнинг манаман деган бойига ўхшамас, балки бир тўп оч мушукларга рўпара бўлган бечора сичқон аҳволида эди. «Пулинг бўлса, чангалда шўрва» дейишади. Пули кўп одам балки шўрвани чиндан ҳам чангалида ушлаб туриши мумкиндир. Аммо ўз жонини ушлаб қола олармикин? Ҳар куни ўнлаб одамларнинг таъзимига беписанд қаровчи Қилич, «сенга раҳбарман» деб пўписа қилувчиларнинг овозини беш-ўн сўм пул билан ўчириб қўя олувчи бошқон иштонини бехос хўл қилиб қўйган боладек шалвираб қолди.

Асадбек хонага икки қадам қўйиб, тўхтаб қолган бошқонга тикилди. Четдан қараган кишига Қилич ҳам, Асадбек ҳам қотиб қолган ҳайкалдай туюлиши мумкин эди. Фақат Қиличбек кўзларини пирпиратиб ҳайкал эмас, тирик жон эканидан далолат бериб турар эди. Асадбекнинг нигоҳи илон авровчисиники сингари ўткир эди. Шундай тикилганда ҳатто Ҳайдар билан Маҳмуд ҳам баъзан каловланиб қолишарди. Мана шу нигоҳнинг ўзи юз дарра туширишдан афзалроқ эди. Чунки бундай қарашнинг оқибати даҳшатлироқ ҳукм билан якунланиши Асадбекнинг феълини билганлар учун сир эмасди.
— Бу ёққа ўтиринг, ўғил бола.

Асадбек киноя билан шундай дегандан кейин ҳам, то Қиличбек рўпарадаги юмшоқ курсига ўтиргунча ҳам нигоҳини узмади.
— Эшитдингларми, бу акамиз шаҳарга ҳоким бўлибдилар? — деди Асадбек. Гарчи унинг саволи аъёнларига қаратилган бўлса-да, кўзи ҳануз Қиличда эди. — Ё мен хато эшитдимми? Балки дунёга ҳокимдирсиз, а?

Қилич Асадбекка тик қараёлмай, мадад истаб аъёнларга боқди.

Шу пайтгача улар орасида бундай оҳангда гап-сўз бўлмаган эди. Асадбек бирон нарсадан ранжиса одамлари орқали маълум қиларди. Ўзи майда-чуйда гапларга аралашмасди. Қилич заводдаги ишни юритишда, ишга одам олиш ёки бўшатишда Асадбек чизган чизиқдан четга чиқмас эди. Бош муҳандис қамалган куни чопар келиб «хўжайин хафалар» деди-ю, унинг оромини олди. У Шарифнинг юқори лавозимга нолойиқ экани, ишни бузаётганини айтиб огоҳлантирган эди. Сўнгги суҳбатда Асадбекнинг ўзи «йўлини қилинг» деб эди. У йўлини топди. Энди хўжайин нима сабабдан ранжийди?
— Асадбек ака, гуноҳим нима, айтинг? — деди Қилич.
— Гапини қара-я! Гуноҳини билмасмиш, — деди Асадбек тиззасига шап этиб уриб. — Шарифни нима қилдинг?
— Ўзингиз айтдингиз... йўлини топ, дедингиз. Ишларимиздан ҳид олиб, очаман, девди.
— Очса нима?! Кимга очади? Ким келиб сени кишанга солади? Пул топишни билган, ақл топишни ҳам билиш керак! Қаматишга сарфлаганингнинг ярмисини ўзига бермайсанми.
— Пул олмайдиган қайсар эшшак-ку, у?
— У олмайдиган эшшак бўлса, сен пул беришни эплолмайдиган молсан! Пул олмайдиган одам йўқ бу дунёда, пул беролмайдиган лапашанглар бор. Билиб қўй, уч кунга қолмай Шариф уйда бўлиши керак.

Қилич Шарифнинг иши ёш бир йигит қўлида эканини биларди. Шаҳар прокуратурасида сўзини икки қилмайдиганлар ҳам бор. Шу сабабли Асадбекнинг буйруғидан чўчимади. «Шу ҳам ишми!» деб енгил тортди.
— Ўзинг ўрнига бориб ўтирсанг ҳам чиқарасан, — деди Асадбек янада қатъийроқ оҳангда.

«Бунча ваҳима қилади бу», деб ўйлади Қилич. Лекин бу гапни тилига чиқармай «Хўп» деб қўя қолди. У осонгина қутулдим, деб ўрнидан турмоқчи эди, Асадбекнинг гапи жойига қайта михлади-қўйди:
— Ҳосилбойваччага салом айтиб қўй.

«Билибдими?!» Осонгина қутулдим деб ўйлаган Қиличнинг юзига энди қизиллик югура бошлаган эди. Бу гапдан кейин ранги қув ўчиб, мурдадан фарқи қолмади.
— Ҳосилбойваччага айтиб қўй: сеникини артгунча, ўзиникини эпласин. Келиб-келиб ўшандан паноҳ изладингми, э, сўтак!
— Мен... паноҳ изламадим... бошқа иш билан борган эдим.
— Қанақа иш? — Асадбек шундай деб ўрнидан турди. Савол беришга бериб қўйиб, жавоб кутмади. Стол томонга ўтиб, ғаладондан катталиги сигарет қутисидай келадиган магнитофон олиб жажжи тугмасини босди.

«Илтимосингизни бажардим, ора очиқ энди» — бу Ҳосилбойваччанинг овози эди.

«Унинг қамалганини билиб Асадбек қутурибди». Қилич ўз овозини эшитиб ўрнидан туриб кетди. Асадбек ҳам, аъёнлар ҳам унинг ҳаракатига парво қилишмади.

«Биз фақат олимваччани йўқотишга келишган эдик. Бу ёғига ўзингиз балогардонсиз».

«Шу иш баҳона бўлиб Асадбекни йўқотиш керак! Бу шаҳарга хўжайинлик қилиш фақат сизга ярашади...»

Бу гапдан кейин орага сукут чўкди. Қиличнинг кўз олдига мийиғида кулимсираб турган Ҳосилбойвачча келди. Асадбекнинг қанотида юрган одамдан бундай гапни эшитиш Ҳосилбойвачча учун тушунарсиз, завод бошқони чин дилдан айтяптими ё иғво бошлаяптими — унга қоронғи эди. Шаҳардаги икки қўчқорнинг бири Ҳосилбойвачча саналса-да, куч Асадбек томонда экани барчага маълум эди. Икки қўчқор кўприк устида учрашса, бирининг қулаши тайин. Бу ҳақиқат ҳар иккисига ойдин бўлгани учун калла қўйишга шошилишмайди. Икки қўчқор орасида келишув борлиги жуда оз одамга маълум. Қилич нодонлик қилганини, буларнинг тили бир эканини англаб етди. Энди магнитофондан чиқаётган овозлар унинг қулоғига кирмади. Хаёлига аста-секин ўрмалаб кириб портлаган, «Ўлдиради!» деган ваҳимали фикр танасидаги жонни қувиб чиқаргандай эди. Кесакполвон ғазабдан жўшиб, сапчиб туриб тумшуғига мушт туширди-ю, унинг танасига жон қайтди. Йиқилиб ётган ерида аввал думбасидан сўнг белидан бир-икки тепки егач, хаёли янада равшанлашди.

Чувринди Кесакполвонни қўлидан ушлаб ажратиб қўйгач, Қилич ўрнидан турди. Чўнтагидан рўмолчасини чиқариб, бурнидан оқаётган қонни артди. «Энди ўлдиришади. Мени бу ерга ажал ҳайдаб келган экан,— деб ўйлади у. — Битта бошга битта ўлим. Ўзим аҳмоқман. Буларнинг барибир гўр эканига ақлим етмабди. Ўзимни ўлдиришса майли, болаларимга тегишмаса бўлгани...» У ўлим олдида сўнгги гапимни айтиб олай, деган мақсадда «Болаларим...» деб сўз бошламоқчи эди, ғўдиранишдан нарига ўтмади. Кесакполвоннинг бир зарбидан синган тилла тишлари гапиртирмади.
— Сенга ижозат, — деди Асадбек, юмшоқ оҳангга ўтиб. — Айтилган ишни қил. Шарифнинг ўрнини совутма.

Қилич «хато эшитмадимми?» деган ажабланиш билан Асадбекка боқди. Асадбек юмшоқроқ оҳангда гапирган бўлса-да, қараши ўша-ўша ўткир, совуқ эди. «Шарифнинг ўрнини совутма, деб нимани назарда тутди? Вазифасига тиклаб қўй, дедими ё қамоқдаги ўрнини совутма, демоқчими?» Қилич синган тишларини рўмолчасига тупуриб, шу муаммони ойдинлаштириш мақсадида сўради:
— Жойида ишлайверсинми?
— Қаерда ишлашини бизга қўйиб бер. Сен унинг ўрнини совутма.

«Демак, қамоқдаги ўрнини... Бир жиҳатдан шу дуруст. Булардан бир-икки йил нари яшайсан...» Қилич жонини қайтариб берган ҳотамтой акаларига таъзим қилди. Таъзимга жавоб бўлмагач, чиқиб кетиши лозимлигини уқди. Тисланиб юриб эшикка яқинлашди.
— Бир умр қулингиз бўлмасам, каломулло урсин, кўзим очилди, ака!

Бу гапдан улар қувониб ҳам кетишмади, ажабланишмади ҳам.

Қилич қувониб кетганидан ёки меҳри товланганидан ичмади бу қасамни. Унинг назарида қирққа кириб, лаҳадга тушиб чириб ётгандан кўра қолган йигирма йилми, ўттиз йилми, умрини ёруғ оламда, қулликда ўтказгани маъқул эди. Ер юзидаги одамлар турфа хил умид билан умр ўтказадилар. Бировлар Ватан учун жонни тикадилар, баъзилар дин поклиги, яна айримлар фан ривожи учун... Қиличлар алоҳида тоифага мансуб — улар ширин жонлари учун Ватанни ҳам, динни ҳам... тикиб юборадилар. Шундай экан, жони фойдага қолган дамда битта қасам ичиб юборса, осмон узилиб ерга тушибдими?

3

— Бекорга қўйиб юбординг. Тинчитиш керак эди, — деди Ҳайдар, бармоқларини қисирлатиб. Унинг одатини билмаган киши ҳозир мушт урганда панжалари чиқиб кетган экан, энди жойига соляпти, деб ўйлаши мумкин. Бармоқларини қисирлатиш — асабийлашаётганидан дарак. Асадбек уч нарсага тоқат қилолмайди: лаганга қошиқ ёки санчқи тегиб тарақласа, ёнидаги одам овқатни чапиллатиб еса, бармоқлар қисирласа ғаши келиб миясига игна санчилгандай бўлади. Тақдирнинг ғирром ўйини бу «фазилат»ларнинг барчасини Ҳайдарга насиб этган. Йиллар мобайнида Асадбек унга танбеҳ беравериб чарчади. Агар бу танбеҳлар молга айтилса, у туппа-тузук одамга айланиб қолиши мумкин эди. Лекин Кесакполвон яратган эгам ато этган бу «фазилат»ларига заррача хиёнат қилмай яшаяпти.

Асаб торлари таранг тортилган Асадбек унга ўқрайиб қараб туриб, охири портлади:
— Жим ўтирсанг-чи, бирпас!

Дунёнинг оромини шу бармоқлар қисирлаши бузиб тургандай, хонани бирданига сукунат босди. Иккала аъён Асадбекка тикилиб ўтираверишди. Бир неча нафаслик сукут Асадбекнинг ҳам жонига тегиб, оҳиста гап бошлади:
— Уни тинчитиш осон... Ўша ёқда тинчийди. Мен хоинларни ҳеч қачон кечирган эмасман. Ёзувларни менга Ҳосилбойвачча берди. Нима учун берди, ўйлаб кўр-чи? Мени яхши кўргани учунми? У «Асадбек Кесакполвон деган аҳмоқ ошнасининг маслаҳатига юради», деб ўйлаган. У пайт пойлаяпти. Унинг пули кўп, аммо ақли калта.
— Ақли калталардан кўпроқ қўрқиш керак, — деди Чувринди.

Асадбек унга ялт этиб қаради. «Қўрқиш керак» деган ибора унга ёқмади. Чувринди бу қарашнинг маъносини тушуниб, гапига тузатиш киритди:
— Эҳтиёт бўлиш керак, демоқчиман. Ақли калталар ўйлаб, ишни пишитиб сўнг жангга кирмайди, кутилмаганда чанг солиб, ўзини ҳам, бошқани ҳам вайрон қилади.
— Ҳосилбойвачча ҳали-бери менга уруш очмайди. Янги пайдо бўлаётган майда тўдалардан эҳтиёт бўлиш керак.
— Гапингиз тўғри, — деди Чувринди, — бир ҳикмат бор: тариқдай мамлакатнинг раҳбарлари камбағалликдан чиқиш йўлларини излаб, охири Америкага уруш очмоқчи бўлишибди. Уруш очсак, улар бизнинг юртимизни босиб олишади, сўнг халқимизни боқишга мажбур бўлишади, дейишибди. Шу қарорга келишганда улардан бири: «агар биз уларни енгсак-чи, халқини қандай боқамиз?» деб ташвишланган экан.
— Агар катта мамлакат лаллайса ҳар бало бўлиши мумкин, — деди Асадбек. Сўнг Кесакполвонга юзланди: — Отарчининг қайтганини эшитганмидинг?
— Қайси отарчи?
— Элчин. Эсингдан чиқдими?
— Ҳа, уми? Эшитувдим.
— Нега менга айтмадинг?
— Чакки қадам босгани йўқ. Тинчгина юрибди.
— Тинчгина юрибдими? Сен унинг ўрнида бўлганингда тинчгина юрармидинг?!
— Мени ўша сўтакка тенглаштирасанми?
— Бўпти, гапни чайнама. Энди қарзимизни узишимиз керак. У сен ўйлаган сўтакларданмас. Эркак у, билиб қўй! Депутатнинг қизи бўйига етиб қолганми?

Чувринди Асадбекнинг мақсадини англаб, бош ирғади.
— Ҳайдар, Шилимшиқдан хабар борми?
— Юрибди, Челябинскда.
— Уни қайтариш керак. Отарчига рўпара қиламиз. Ўчини биздан эмас, ўшандан олаверсин. Маҳмуд, Шарифнинг иши ёш боланинг қўлида экан. Винзаводга қизиқаётган эмиш. Кимлигини билиб қўй.
— Билиб қўйганман. Тўйтепалик бола. Ота-онаси кетмончи. Ўзига илмдан Худо берган экан. Лекин илмни ташлаб бу ёққа ўтибди.
— Нега?
— Акасини ўлдириб кетишган экан. Шунга алам қилгандир.
— Ким ўлдирган экан, аниқлаб қўй.

Бу буйруқ Кесакполвонга қарата айтилган эди. У нима қилиш лозимлигини тушунди. Маҳмуд Ҳайдарга нисбатан зийрак, мулоҳазали эди. Асадбек атрофидагилар уларни бир одам танаси аъзолари, яъни Ҳайдар— қўл-оёқ, Маҳмуд — бош, Асадбекни эса юракка қиёс қилар эдилар. Асадбекдан марҳамат истаганлар аввал Маҳмудга учрашишни маъқул кўрадилар. Унинг лақаби «Чувринди» бўлгани билан ақлан бой эди. Кўп йиллар муқаддам бекатда хароб ҳолда тентираб юрганида Асадбекка эмас, бирон илм эгасининг назарига тушганида катта олим бўлиб кетиши шубҳасиз эди. Банданинг эмас, Яратганнинг амри вожиб бўлади, деганларидек, мана ҳозир Маҳмуд Фанлар академиясида эмас, қасрга айлантирилган ертўлада Асадбек билан юзма-юз ўтирибди. Олимлар тунги зиёфатдан ҳали ўзларига келганларича йўқ, у эса тиниқ ақли билан тетик ўтирибди. Асадбек юрагидаги зардобни яширишга қанчалик уринмасин, Маҳмуд унинг вужудида уйғонган ғалаён ўтини аллақачон сезган. Бу зардоб, бу ғалаён фақатгина қизининг тақдирига боғлиқ эмаслигини ҳам фаҳмлади. У Асадбекнинг бир оз жим қолганидан фойдаланиб, ўрнидан турди-да, эшикни очиб қараб қўйди. Бўтқага шу қарашнинг ўзи кифоя қилди. Зум ўтмай патнис кўтариб кириб, пиёлалардаги қаҳваларни таъзим билан бир-бир узатди.

Асадбек пиёлани олди-ю, қаҳвани ичмади. Бўтқа чиқиб кетгач, Маҳмудга юзланди:
— Ўғлинг неччига кирди?
— Йигирма иккига.
— Кичик ўғлим йигирма олтига қараб кетяпти, — Асадбек шундай деб маъюс тортди. — Топган-тутганларимиз невара-чевараларимизга ҳам етиб ортади. Бизга яна нима керак?

Маҳмуд жавоб бермади. Ҳайдар эса ажабланиб, қўлидаги пиёлани юмшоқ курсининг ёнсуянчиғига қўйди.
— Бек, тинчликми ўзи, сенга нима бўлди?
— Менгами? — Асадбек маъюс жилмайди. — Менга ҳеч нима бўлмади. Лекин... осойишта ҳаётимиз тугаганга ўхшайди.

Асадбек салкам қирқ йиллик безовталикни, курашни, таҳликали йилларни, жон талвасасида юришларни осойишта ҳаёт, деган экан, бу осойишталик тугаган бўлса нималар юз бериши мумкинлигини тасаввур этиб кўринг.
— Биз урушга кираётганга ўхшаймиз, — деди Асадбек ўша синиқ оҳангда. — Бизга уруш очганлар — майда тўда. Майда тўда уюшганроқ бўлади. Улар бизга уруш очганларини маълум қилдилар. — Асадбек қизи воқеасини назарда тутган эди, аъёнлар буни тушундилар. — Лекин мен урушни истамайман. Мен уларнинг мақсадини билишим керак. Дарди бойлик бўлса, бераман. Шаҳарга ҳокимликни истаса — олсин. Агар мақсади ёлғиз ўч олиш бўлса, ноиложмиз, урушамиз. Аммо бу сўнгги уруш бўлади. Энди мен винзаводдаги тентак олим болага жон куйдираётганимнинг сабабини сенларга айтиб қўяй. Биз бу заводни давлатдан сотиб олишимиз керак. Бу олим бола бизга шунда асқотади. Чет элнинг назарига тушган олимни қўлдан чиқарсак, ўтакетган аҳмоқ бўламиз. Шу бола орқали Португалия билан алоқа боғлаймиз. Заводдан олаётган сариқ чақаларимиз олтинга айланиши керак.

Бу гап Маҳмуд учун янгилик эмас эди. Корхоналар ижарага берила бошлаганида Асадбек бир неча йигитларига такси машиналар олиб берди, аммо каттароқ ишга қўл урмади. У кутган пайт энди келди: корхоналарни сотиб олиш фурсати етди. Бунинг учун завод хароб ҳолга келиши, сўнг сотиб олиниши зарур. Корхонани хароб ҳолга олиб келиш қийин иш эмас. Бироқ уни дунё билан тиллаша оладиган даражага етказиш қийин. Бунинг учун ақл керак. Ақлни Асадбек Шарифда кўрган, уни бош муҳандисликка тайин этишда ана шу мақсадни кўзлаган эди.

Асосан ижрочиликка кўникиб қолган Кесакполвон Асадбекнинг шу ишларига кўпам тушунмас, шу ишдан бир гап чиқар, деб, унча аралашмас ҳам эди. Мана ҳозир «бир иш чиқаётганига» ишониб, ҳайратга тушди.

IV боб

1

— Сизни чиқариб юборишмоқчи бўлишган экан, ўзингиз кўнмаганмишсиз? — деди ҳамшира.
— Сизни ташлаб кетгим келмади, — деди Анвар, жилмайиб.
— Э, қўйинг-э...
— ...Мен сизни ўйласам

Чароғон бўлади оламим.

Мен сизни ўйласам

Қора қон бўлади оламим...
— Анвар ака, қўйинг, бунақа гапларни... Шунақа десангиз... гаплашмай қўяман...

Ҳамшира шундай деб кафтларини юзларига босди. Анварнинг ширин сўзлари унга ёққан, бу сўзлар вужудидаги шайтонни уйғотган, шайтон эса фурсатни қўлдан бермай, аёлнинг нозик ҳисларини қўзғата бошлаган эди. Айни чоғда, сергак фаришталар аёлнинг уят, номус, ҳаё томирларини уйғотмоққа киришган эдилар. Осмондаги булут тўдалари тўқнашиб яшин чаққани каби бу вужудда икки куч аёл юрагини ёндириб, ларзага солди. Бу кучдан жувоннинг юзларигача қизариб кетди. Чироқнинг хира нурида ҳамширадаги бу ўзгариш сезилмаса-да, у ўнғайсизланиб, юзларини кафтлари билан тўсган эди.

Анвар жувондаги бу ўзгаришни сезди. Кундузи бир шифохонада ҳамширалик қилиб, бу ерда ҳафтанинг икки тунида навбатда турувчи, устига-устак қўшни идорада фаррошликни ҳам бўйнига олган бу аёл ҳар қандай эркакнинг хаёлини ўғирлаши тайин эди. Бу хушрўй аёлнинг эри мажруҳ экани, тўшакдан туролмаслигини билган эркак эса унга бир қармоқ ташлаб кўрмаса кўнгли тинчимас. Ҳамшира бунга кўникиб қолган. Кўзларини чақчайтириб туриб кўнгил изҳор қилган, айниқса билагига қўл юборганларида у эркак зотидан, ҳатто баъзан ўз эридан ҳам нафратланиб кетади. «Эрим соғ бўлганида шуларга ўхшар эдими», деб ўзига ўзи савол беради. Болалигида хасталаниб, сўнг тўшакка бир умр михланган бу йигитни яхши кўриб теккан. Кўнглида уйғонган ҳис нима эди — муҳаббатми ё раҳм-шафқатми аниқ билмайди. Йигитни хастахонада илк кўрганида юраги ғалати бўлди. Юзида кулгичи бор, кўзлари қисиқроқ, қошлари қалин бу йигит истарали, сўзлари эса ширин эди. У худди хиргойи қилаётгандек ширин гапирарди... Бошқа ҳамширалар муолажа қилишса, гапга солишса унинг ғаши келадиган бўлди... Отаси кўнглида норизо бўлса-да, сиртига чиқармади. «Шу ғарибга бахт берса, савоб», деди. Дунёдаги энг хушсурат йигитни куёв қиламан, деган умидда юрган онаси кўз ёши тўкди-ю, барибир кўнди. Баъзилар тўрт мучаси соғ гўзалларга етишгунча дард чекишади. Ҳозир юзларига кафтларини босиб турган жувон эса хаста йигитга етгунча кўп қийналди. У кечирган тўлғоқли тунлар тасвири алоҳида достон бўлар. Кўнглини муҳаббат чақмоғи озгина бўлса ҳам ёритган инсонга бу кечмишлар бегона эмас.

Ҳамшира кўнглида шилқимлик уйғонган эркакларга дуч келганида тўшакда ётган эри кўз олдига келарди. Шунда унга хиёнат қилгандай, ўзини ўзи лаънатлар эди. Билагига бегона эркакнинг қўли теккудай бўлса вужуди кирлангандай, ёмон бир касал илашиб қолгандай туюлар, уйига қайтгач, эрининг кўзига боқишга қурби етмас, болаларини ўпишга ҳам юраги бетламас эди. Уйига гўё ҳаромни бошлаб келгандай ўзидан-ўзи нафратланар, дунёни бунчалар яралганидан хафа бўлиб кетарди. Баъзи ҳолларда «ерим соғ бўлганида шу йўлда юрарми эди» деб савол ташлаб, юраги баттар эзилиб кетарди. Номусни жондан азиз билган аёл хиёнатга дуч келса нима бўларкин? Минг йиллар муқаддам ўтган Еврипид деган шоир:

Номуссизлик гар илашса никоҳ ипига

Аёл қалби шу қадарли қонсирагайки,

Тополмайсиз ер юзида бунақасини,

деганида балки бизнинг ҳамширани назарда тутгандир.

Хуллас, рашк мавжуд, аммо хиёнатга бегона оила соҳибаси гарчи Анварга меҳри бўлса-да, чегарадан чиқа олмас эди. Чегарада номус, иффат, ҳаё деган қўриқчилар борки, улар иблиснинг зарбаларига йўл бермайдилар. Ҳамшира «шунақа десангиз... гаплашмай қўяман» деганида шунчаки пўписа қилмади. Ҳозир Анвар гапни шу оҳангда давом эттирса, чиндан ҳам суҳбатга чек қўяр эди.

Анвар ҳамширанинг гапини ёлғон пўписа деб англамади. Балки гаплари нотўғри талқин этилганидан афсусланди:
— Дилобар, — деди у, — сиз мени тушунмадингиз. Эркак билан аёл бир-бирини яхши кўрса мақсад фақат тўшак бўлмайди-ку? Ака-сингилдай яхши кўриш мумкинми? Мен сизнинг қошу кўзингизни эмас, фақат инсон боласига хос одатларингизни яхши кўришга ҳаққим йўқми? Ёруғ оламда беш миллиардга яқин одам яшаркан. Лекин кўнгил баъзан бешта яхши одамга муҳтож бўлади-ку? Шу беш одамнинг бири аёл бўлиши мумкин эмасми?

Дилобар «Гапингиз ростми?» дегандай унга бир қараб олди. Анвар бошини эгиб, кўзларини бир нуқтага қадаб ўтирар эди. Ҳамширанинг қараб қўйганини сезмади.
— Сиз мендан нафратланманг. Агар сиз мендан ранжисангиз... мен дунёдан нафратланаман.

Олисларни кўриш учун умр карвони,

Сабоқ экан, кипригимни ёш қилиб қўйди.

Кейинчалик ҳар бир кузнинг барги хазони

Юмшоққина юрагимни тош қилиб қўйди.

Дилобар орадаги синиқликни кўтариш учун гапни бошқа ёққа бурмоқчи бўлди:
— Янги шеърингизми?
— Йўқ, — Анвар бошини кўтармай жавоб берди, — Асқар Қосим деган шоирники. Тақдирим ўхшайди, аммо шеъриятига етишим мушкул. Балки умрим ҳам ўхшар.
— Умрим?.. У одам тирикми?
— Йўқ... ўзини осган.

Дилобар титраб кетди.
— Осган?
— Ҳа.
— Нимага?
— Буни тушунишингиз қийин. Охирги шеърини айтайми?
— Айтинг.

«Бошгинамга ағанаган, катта тоғлар, алвидо!

Мен кетарман ҳасратланиб, руҳи соғлар, алвидо!

Бу дунёнинг шўришига навниҳоллар тебранинг,

Эслироқ боғбони йўқ, қолди боғлар, алвидо!»
— Вой, бечора...
— Бечора эмас. Чорасини топди, мард экан.
— Қўйинг, бунақа гапларни. Ўзини ўлдириш... мардлик эмас.

Анвар ўрнидан турди. У аёл билан баҳслашишни истамади.
— Эрталаб яна ишга борасиз. Дамингизни олинг, — деди у.

Анвар хуррак овози эшитилаётган хонасига кириб кетди.

Ҳазил оҳангида бошланган суҳбатнинг эзгин руҳда тўсатдан узилиши Дилобарни қийнаб қўйди. Устига чойшаб солинган тахта каравотда уч-тўрт соат бўлса ҳам ухлаб оларди. Анварнинг гапларидан кейин кўзларидан уйқу қочди. Хунук хаёллар тинчлик бермай хонага бир-икки ўғринча қараб олди.

Анвар каравотида ўтирарди. У тонг отгунча ҳам ётмади.

2

Навбатдаги тун бедор эди. Умрнинг яна бир қоронғу кечаси тўлғоқлар билан ўтаётганди. Руҳлари хасталанган беморлар орасида соғлом бир йигит дунёнинг кирлигига имон келтириб ўтирарди.

Ҳамшира билан бўлган суҳбатдан эзилди, шоир эсига тушиб ўртанди, деб, сиз азизларни чалғитмай. Нафсиламрини айтганда, суҳбатни кескин узишига нима сабаб бўлганини Анварнинг ўзи ҳам аниқ билмайди. Юраги сиқиладию томоғига бир нима тиқилиб гапиролмай қолади. Қулоғи шанғилайди. Хотини кўргани келганида ҳам туппа-тузук гаплашиб ўтириб, бирдан шу аҳволга тушади. Хотини «касаллари тутди шекилли», деб ўйлайди. Ўзи ҳам баъзан шу фикрга келади. «Чинданам жинни бўляпманми», деб хаёл қилади. Бу фикрга банди бўлмаслик учун «Дорилар таъсир қиляпти», деб ўзини ўзи ишонтирмоқчи бўлади. Руҳни созловчи, тинчитувчи кучли дорилар соғлом одамни гангитиши турган гап.

Ҳозир ҳам шундай бўлди. Хонага кириб ўтириб ютинди. Ўша «бир нима» томоғига қадалиб тураверди. «Жоним ҳалқумимга келиб қолдими? Қадалиб нима қилади, чиқиб кета қолмайдими? Жон чиқиши шунчалик қийинми? Уни қувиб чиқариш учун бўйинга сиртмоқ солиш шартми? Асқар ака ҳам шундай қийналганми? Қандай умидлар билан тонг оттирганлар? «Бандасини яратган Худо инсофни ҳам берар», дебми? Шоҳ Машрабдай одамни осган бандага инсоф берилишини умид қилиш мумкинми?»

Юраги сиқилиб, ҳаво етишмаётгандай бўлди. У чуқур-чуқур нафас олди. Томоғидаги «бир нима» йўқолди. «Жон анойи эмас. Мендай мўминни ташлаб қаёққа кетсин? Лекин юрак безовта. Нимага потирлайди. Озодликни қўмсаяптими? Қаерда бор озодлик? Мана шу деворлар ортидами? Ё учинчи қаватдами? Озодлик девор ортида эмас, шу ерда-ку? Озодликни асраш учун девор билан ўраганлар. Энг улуғ озодлик эса учинчи қаватда. Шунинг учун ҳам деразаларга темир панжара тўсилган. Девор орти — жиннихона. Амал талашадилар, обрў, шон-шуҳрат илинжида Худодан қўшимча бармоқлар тилаб олиб ишга киришадилар... Бу ерда эса ундай жиннилик йўқ. Ҳамма теппа-тенг...»

Анвар шу хаёлларга банди бўлиб ўтирганида дераза орти ёришди. У аввалига кўча чироғи ёнди, деб ўйлади. Лекин ёруғ оқим фақат рўпарадаги деразадан оқиб кираётганини англаб сергакланди. Оппоқ нур худди пояндоз сингари юқоридан тушиб оёқлари остида тўхтаган эди. Анвар ажабланди. Дам ўтмай бу ажабланиш қўрқувга айланди. Ҳозиргина жони чиқиб кетишига рози бўлиб ўтирган йигит қўрқди — ҳар ҳолда жон ширин-да! Қўрқув оёқ-қўлига муз югуртирди.

«Қўрқма, биз сенга фақат яхшилик истаймиз».

Анвар бу мулойим овоз қаердан келганини билмади.

Дилобарнинг овозига ўхшатиб, аланглади. Эшик қия очиқ — ҳамшира кўринмайди.

Овоз яна такрорланди.

«Қўрқма, биз сенга фақат яхшилик истаймиз. Деразага қара».

Анвар дераза ортида гўзал бир қизнинг юзини кўрди.
— Кимсиз?
— Биз бошқа сайёраданмиз.
— Қайси сайёрадан?
— Сизлар Чаён юлдузлар туркуми деб атайсизлар. Биз эса Зурру деймиз. Зурру — нур ўлкаси дегани.
— Учар ликопчаларда юрган сизлармидингиз?
— Йўқ. Улар сизларнинг яқин қўшнингиз. Қуёш мажмуасига энг яқин жойлашган Заура юлдузидан. Заура — тараққиёт дегани. Улар тараққиёт учун ҳамма нарсадан кечганлар. Сайёралари ҳалокат ёқасига келиб қолган. Улардан қўрқишинг керак. Сен биз билан бирга бўласан. Заураликларнинг тараққиёти бизникидан минг карра паст. Шунинг учун ликопчага ўхшаган жисмда учиб юришади. Уларнинг вакиллари орангизга тушган, сизлар билан бирга яшайди, сизлар эса буни билмайсизлар. Халқ отасиман, деб юрган, сенга кун бермаётган одам асли зауралик. У — одам боласи — онасидан чала туғилган, ўлимга маҳкум эди. Ўша онда зауралик унинг танасига жон бўлиб кирган. Шунинг учун унга ҳеч нима кор қилмайди. Очарчилик йиллари тенгдошлари ўлганда ҳам бу тирик қолган. Очарчиликда омон қолган тенгдошлари урушга кетиб қирилди. Бунинг ҳам эркак экани, урушга бориши лозимлиги бировнинг хаёлига келмади. Урушдан тирик қайтган тенгдошлари қамоққа ташланди. Сен билмайсан, дўстлари унинг фатвоси билан қамоқда чириганлар. Сен унинг келажакни кўра билиш хусусияти борлигини ҳам билмайсан. Унга эртага нима бўлиши маълум. Шунинг учун ўзи ҳам бир ярим йил қамоқда ўтириб келган. Қамоқдан чиққан дўстлари сил бўлиб, пес бўлиб ўлиб кетдилар. У етмиш ёшида ўн етти ёшли йигитдан ҳам бақувватроқ.
— Унинг мақсади нима?
— У Ерни Заура фуқароси учун тайёрлаши керак.
— Қандай?
— Руҳан тайёрлайди. Заурада тарихдан кўз юмганлар. Тарихдан сўз очган зауралик ўша заҳоти қатл этилади. Уларнинг юраги тош каби қаттиқ. Кимдаки ҳис-туйғу уйғонса — ўлимга маҳкум. Халқ отасининг вазифаси ерликлар қалбидан меҳр-оқибат деган туйғуни ҳайдаб чиқариш, тарихни унутишга эришиш. Ҳуда-беҳудага бармоқлари билан соч тараши, «с»ни айтолмаслиги, лабларини тили билан ялаб қўйиши, кўзини лўқ қилиб ёлғон гапириши — зауралик эканига исбот. У биттагина эмас, ёнида шериклари кўп. Ҳаммалари одам либосида. Билиб қўй: улар одамларни қириб ташлаб, сўнг Ер сайёрасини эгаллайдилар. Билки улар жон бўлиб одам танасига кирадилар. Ҳозир Ер одамларининг жуда кўпи заураликдан иборат. Ер ҳалокат сари боряпти. Биз энг покиза ерликларни қутқариб қоламиз. Сени ҳам олиб кетамиз. Сен менинг гапларимга ишонмайсан. Сенга яна озгина фурсат берамиз. Ерда юрган икки оёқли махлуқлар аслида Ер одами эмас, зауралик эканига ишонч ҳосил қилганингдан сўнг биз билан кетишга ўзинг рози бўласан. Ҳозир ўрнингдан тур. Нур устига қадам қўй.

Анвар нур пояндоз устига қадам қўйиши билан ўзини енгил ҳис этди. Кўзлари нурдан қамашди. Қанча вақт ўтганини билмайди. Бир вақт нур кучдан қолиб, кўз олди равшанлашди.
— Гаплашиш мумкин эмас, фақат кўришинг мумкин.

Шаршара ёнидаги мажнунтол соясида ўтирган одамни таниди: Асқар Қосим. Ўй суриб ўтирибди. Ерда ҳам шундай эди — кўп ўй сурар эди. Атрофдаги одамлар ҳам таниш. Шийпондагилар... Наҳот? Қодирий, Чўлпон... «Тушимми, ўнгимми?»
— Ўнгингда кўряпсан.
— Уларни ҳам сизлар...
— Ҳа, биз олиб кетганмиз. Ердаги заураликлар зулмидан халос этганмиз. Покиза одамларнинг барчаси шу жойда ором топади — билиб қўй! Энди изингга қайт. Вақт етди. Мен сен билан яна учрашаман...

Кўз олдидаги нур яна кучайди. Ўзини яна енгил ҳис қилди. Сўнг... нур йўқолди. Ғира-шира хона... Хуррак овози...

3

— Уйқунгиз келмаяптими?

Кўрганлари тушми ё рўё эканини билолмай гаранг ўтирган Анварга эшик томондан келган овоз худди ер қаъридан чиққандай туюлди. Шу сабабли саволга жавоб қайтармади. Овоз келган томонга қарамади ҳам.
— Бу ерда менам ухлолмайман.

Анвар овоз ер қаъридан эмас, эшик томондан келганини фаҳмлаб, бошини кўтариб қаради. Янги йилдан уч кун олдин келган ўрта ёш киши тирсагига тиралиб унга қараб гапирар эди.
— Гапларингизни эшитиб ётувдим. Асқар деган болани эсладингиз. Мен ҳам танирдим у болани. Темир йўлнинг нарёғидаги жиннихонада бирга ётганмиз. Юраги тоза бола эди. Аммо соғлом эди. Бекор увол кетибди. Эшитмаган эканман. Худо раҳмат қилсин.

Анвар гап пойлаб ётган бу кишига нима деб жавоб беришни билмади. Овқат устида бир-икки оғиз суҳбатлашгани ҳисобга олинмаса бу одамни билмайди. Ким у, дарди нима — хабарсиз.

Анвардан садо чиқавермагач, гап ташлаган одам ўрнидан туриб келиб ёнига ўтирди. Каравот симлари унинг оғирлигига дош беролмай зорланиб, ғижирлаб қўйди.
— Мен бу ерларда ётавериб кўзим пишиб қолган. Ким соғ, ким носоғ — дарров ажратаман. Керак бўлса дўхтирларингизни ўқитиб қўяман. Сиз соғлом йигитсиз. Бу ерга тушиб қолганингиздан эзиляпсиз. Эзилманг, ука. Бу ернинг номи хунук. Ўзи яхши жой. Мен шу ерда жон сақлайман. Агар жиннихона бўлмаганида аллақачон... асфаласофилинга жўнатворишарди. Бир куни, денг, оқшом кўчага чиқсам, қўшним турибди. Яп-янги «Газ-21» олган эди. «Юринг, қўшни, хизматингизда бўлай», деди. Ўзи муттаҳамроқ бола эди. Мен унинг устидан ўрганга ёзиб юборган эдим. Ҳай, Худо инсоф берибди, дедим. Ўтирдим. У қизиғар мошинасини Қорақамишга қараб учирди. Гадой топмас ерга етганда «қимирламай ўтир!» деб дўқ урди. «Вой, қизиғар, ўлдиради, шекилли», деб мошинадан тушдим. Қочай, деб ўзимни қамишзорга урдим. Бундай қарасам, чуқурда одам ўликлари ётибди...

Анвар бу ҳикояни кечки овқатдан кейин эшитган эди. Шу сабабли эшик ёнидаги каравотда ётувчи бу одамнинг гаплари қулоғига кирмади. Бошқа пайт бўлганида балки зерикмай тингларди. Аммо ҳозир, кўзига кўринган нур, дераза ортидаги гўзал узор, шаршара, мажнунтол, хаёлга чўмиб ўтирган шоир... уни ёлғизликка ундарди. Аммо бу ёруғ олам аро ҳеч бўлмаганда бир неча дақиқа якка қолишни истарди. Банданинг кўнгли нималарга суст кетмайди. Воҳидлик фақат яратган парвардигорга ярашади. Фақир бўлиб яралганингдан кейин ёнингда ит ўтирса ҳам, бит ўтирса ҳам чидайсан.

Анвар бу одамни эси оғиб қолганлардан деб билгани учун ёнидан ҳайдамади. Гапини қандай бўлиб, жойига қандай жўнатиш йўлини излади. Ножўя сўз айтиб юборса бу тоифа одам айюҳаннос солиб жиннихонани бошига кўтариши ҳеч гап эмас.
— Мен боятдан бери сизга қараб ётибман. Ҳайкалга ўхшаб қотиб ўтирибсиз. Мен сизга айтсам, — у Анварнинг қулоғига шивирлади, — мен ҳам соппа-соғман. Лекин ҳамма мени жиннига чиқаргани учун баъзан ўзим ҳам ишониб кетаман. Давлат ҳам ишонади. Ишонади. Ишонмаса йигирма уч сўм пенса берармиди. Энди ука, менинг отим Шоқаюм, туз-насиб экан, шу ерда жон сақлаймиз. Мен ҳангоматалаб одамман. Кўп гапириб бездирворсам, шартта уришиб ташлайверинг, хафа бўлган — номард. Лекин ҳадеб бунақанги сиқилиб ўтираверманг. Ўзингизни еб қўясиз. Мен ҳам олдинига шунақа бўлганман. Кейин билсам, қайтага шу яхши экан. Одамлар мени жиннига чиқаргандан бери мазза қилиб яшайдиган бўлдим. Олдин тўғри гапни айтолмай эзилиб кетардим. Энди шартта-шартта айтаман. Бировнинг қулоғига кирадими, йўқми, айтавераман. Шунақа қилиб юрагимни бўшатиб оламан. Сиз ҳам шартта-шартта гапириб юбораверинг. Бунақа ўтирманг.

«Бунақа ўтирманг... Ростдан ҳам қимирламай ўтирдимми? Нур-чи? Шаршара-чи?»
— Шоқаюм ака, кирганимдан бери ҳайкалдай қотиб ўтирдимми?
— Ҳа, де! Асқар раҳматли ҳам шунақа эди. Деразага тикилиб ўтираверарди. Қоронғида нимани кўряпти, деб ҳайрон бўлардим. Аммо уни гапга солиш қийин эди. Бир куни «нима қилиб ўтирибсиз, ука?» десам, «қудуқ қидиряпман», дейди. «Ҳазиллашяпсизми, қанақа қудуқ?» деб сўрасам, «Искандарнинг шохи бор», дегани бир қудуқ керак манга» дейди. Шунақа ғалати гаплари бор эди. Кўп гапларига тушунмасдим.

Анвар «бу оддий гап, ҳар бир шоир ҳақиқатни айтишни истайди. Ривоятдаги сартарош каби айтолмай қийналади. Бир қудуқ топсаю айтса, юрагини бўшатиб олса...» демоқчи бўлди-ю, Шоқаюмнинг гап халтасини баттар кавламай, деб индамай қўя қолди. Шоқаюмнинг гап халтаси биров тегмаса ҳам қайнаверар эди. Анвар индамагани билан гапи тошиб чиқаверар эди. Анвар унинг сўзларини узуқ-юлуқ эшитарди. «Демак, кўзимга кўринган. Ўтирган еримда ухламай туриб, туш кўрганман. «Учар ликопчани кўрдим», деганлар ҳам менга ўхшаб хаёлан учрашганлар. Бу — жинниликнинг бошланиши эмасмикин?»
— Бу ердан чиқиб кетмай, яхши қилибсиз. Шу ерда қишлаб, баҳорнинг ўрталарида чиқиш керак. Баҳорда қулинг ўргилсин одамлар келишади, зерикмайсиз.

«Қанақа одам бу ўзи! Жинниларни масхара қиляптими? Тавба! Иштони йўқнинг иштони йиртиққа кулгани шуми? Чиқиб кетмасам бўлмайди бу ердан».

Анвар Элчин кетганидан бери қайта-қайта «қолиб тўғри қилдимми?» деган саволни ўзига-ўзи бериб «Тўғри қилдим!» деган қайсар жавобдан нарига ҳатламас эди. Шоқаюмнинг эзмалиги бу қайсарлик тўғонини бузиб, «чиқиб кетишим керак!» деган тушунча дарвозаларини очиб юборди.

V боб

1

Элчин Янги йил кечаси Асадбекнинг қоронғи, совуқ уйида бўлиб ўтган суҳбатни Сибирда орттирган ошнаси Зелихонга айтиб берди. Қиррабурун, кўзлари бургутникидек ўткир Зелихон ўй сурганида ҳам нигоҳини бир нуқтада тўхтатмас эди.
— Асадбек молодетс! Висший класс! — деди у. —Аниқ топибди. Энди у билан ҳазиллашиб бўлмайди.
— Шошилма, — деди Элчин. — Бошқалар билан ҳам худди шундай гаплашган бўлса-чи. Шаҳарда нима кўп, тўда кўп. Аввал уларга қўл солган. Кейин ҳар эҳтимолга қарши мендан ҳам хавотири борлигини билдириб қўйган бўлса-чи?
— Барибир. Энг муҳими — сени назаридан четда қолдирмаган. Фақат ўзи билган тўдаларни кавлаштирганида аҳмоқ бўларди.
— Биз мўлжални аниқ олдик, муҳими — шу!
— Аниқликка аниқ, лекин сен йўлбарснинг пешонасини мўлжалга олмадинг-да. Ўқинг қовурғасини ялаб ўтди. Энди ярадор йўлбарсдан қўрқишинг керак.
— Менга унинг ўлими эмас, яраланиб, азобланиб ўкириши керак. Бир ўқ билан ўлишининг кераги йўқ.

Зелихон Элчиннинг елкасига қўл ташлади. Унинг одати шу — меҳри товланиб кетса, шундай қилади.

Элчин Сибирдаги лагерга кўчирилганда, ҳали «ўқилон»нинг овозаси етиб келмай туриб, шу Зелихоннинг паноҳида жон сақлаган эди. Ўзбекистондан келган, бўш-баёв кўринган бу йигитни дастёрга, аниқроғи, қулга айлантирмоқчи бўлган зўравон маҳбуслар Зелихоннинг «бу менинг землягим» деган гапидан кейин тинчишди. «Сенам мусулмонсан, мен ҳам мусулмонман. Ёнимда юр», деган гапи Элчинга «Мен акангман» дегандай туюлди. Чўнтаккесарликдан иш бошлаб, катта хазинага ҳужум қилишгача бориб етган Зелихон турмаларнинг ҳам, маҳбусларнинг ҳам турли тоифасини кўриб кўзи пишган эди. У Элчиннинг биринчи марта қамалганини юриш-туришиданоқ билган эди. То Элчиннинг ўзи айтиб бермагунича қамалиши сабабини сўрамади. Элчин Сибирда юрганларида тўғри гапни яширди. Ҳақиқатни кейинроқ, қамоқдан чиққач айтди. Режасини амалга ошириш учун ишончли, мард одамлар керак эди. Энг ишонгани Зелихон бўлгач, ундан ҳақиқатни яширолмасди.
— Сенга бир қарашдаёқ юрагингда ўч борлигини сезганман. Эркакнинг ўч олиши яхши. Чеченлар ёмонликни ҳеч қачон кечира олмайди. Биз майда-чуйда гапларга ўралашмаймиз. Қасос яхши нарса. Дунёнинг лаззати шу қасосда. Сен қасос олиб мазза қилсанг, мен ҳам мазза қиламан. Аммо менсиз бир қадам ҳам босмайсан. Сен атак-чечак қилаётган боласан. Мен бу оламда югуриб юриб катта бўлдим. Қайси тешикда илон, қайси тешикда чувалчанг ётиши менга аниқ.

Чиндан ҳам Зелихон биз жиноятчи деб атайдиган одамлар оламининг пасту баландини яхши биларди. Биринчи марта чўнтак кесганидан то сўнгги хазинани урганига қадар ягона ақидага амал қилади — у фақат ўзигагина ишонади. Шерикларига «Мен ҳатто ўзимга ҳам ишонмайман!» дерди. Бу гапида ҳам жон бор эди. Зелихон ёлғиз ишлашни ёқтирарди. Лозим бўлганда бир-икки шерикка суянарди. Унинг қоидасига кўра, шериклар кўпайгани сайин ишнинг муваффақиятли якунланишига ишонч камайиб, аксинча, хоинлик учун шароит ортиб боради. «Иш тақдирини куч эмас, ақл ҳал этади». Зелихон фақат шу қоидани тан оларди. Элчин қасос ҳақида сўз очиб, одам тўплашни таклиф этганида Зелихон «уч киши етарли» деди. Жиноятчилар оламининг тўс-тўполонини чиқармоқчи бўлган Элчин бу гапдан ҳайратланди. У атрофига камида юз кишилик лашкар тўпламоқчи эди. «Юз киши» деган гапни эшитиб, Зелихон кулиб қўйди. Кейин шу боланинг сазаси ўлмасин, деб беш кишига рози бўлди. «Қанча одам керак бўлса, кейин сотиб олаверамиз», деб кўнглини тинчитди.

Зелихон ўттиз йилдан ортиқ от суриб юрган бўлса, уч марта қўлга тушган. Ўсмирлигида бир ярим йил, сўнг уч йил, охирги марта беш йилга кесилган эди. Биринчисида айб ўзида, тан олади. Қолган иккитаси шерикларининг ландавурлиги туфайли бўлди. Барча қилган жиноятларини қамоқдаги кунларига тақсимлаб чиқилса ҳар бир иши учун беш-ўн дақиқа ўтирган ҳисобланарди.

Зелихоннинг лақаби «академик» эди. Бунга сабаб — у пухта ўйлаб олиб, сўнг ишга киришарди. Унинг бошқалардан фарқи — одамлар руҳиятини албатта ҳисобга оларди. Лозим бўлганда катта идораларга бошқа бир идора бошлиғидай бемалол кириб чиқаверарди. Эшик оғзидаги соқчига киборлик билан сўз ташлаб, «ҳа, ўтирибсанми» деб кириб кетаверарди. Элчин унинг бу «фазилати»ни шаҳарда учрашганда билди. Бир куни Зелихон машинасини кириш мумкин бўлмаган кўчага бурди. Милиса таёғини кўтаргач, тўхтади-ю, тушмади. Милиса лапанглаб келиб, энгашиши билан ойнани тушириб:
— Ҳа, турибсанми, — деди. Милиса жавоб қайтаришга улгурмай яна савол берди: — Лейтенант қани?
— Собировми? — деди милиса йигит талмовсираб.
— Ҳа, ўша, нимага лаллаясан, қаёққа кетди?
— Ҳозир келади.
— Менга учрашсин.

Зелихон шундай деб машинани юргизди. Милиса эса гарданини қашиб қолаверди.
— Собиров деганингиз ким? — деди Элчин.
— Қаёқдан биламан, — деди Зелихон кулиб. — Сенам милисага ўхшаган лақма экансан-ку.
— Лейтенантлигини билдингиз-ку?

Зелихон қаҳ-қаҳ отиб кулди:
— Буларда нима кўп, лейтенант кўп...

Зелихон шундай одам эди. Элчин Асадбекнинг қизи ҳақида гапирганида Зелихон кўп ҳам бош қотирмади. Атрофида юрган қизлардан бирини ишга солди. Қиз сиртқидан кундузги ўқишга ўтаётган толиба қиёфасида Асадбекнинг қизи билан дарсларга кириб юраверди. Асадбекнинг қизини танаффус пайтида машинагача олиб боргач, ўша куниёқ Кавказ томонга учиб кетди. Зелихон «қанча одам керак бўлса, сотиб олаверамиз», деганида шу қиз кабиларни назарда тутган, ҳар бир иш учун алоҳида одам ёллаш унинг назарида бехавотирроқ эди.

2

— У сени ўзига яқин одамнинг қизига уйлантиради. Шу билан ҳар бир қадамингни эмас, ҳар бир нафас олишингни ҳам кузатишади.
— Бу жуда яхши! — деди Элчин, — улар мени кузатишади, сиз эса ошни пиширасиз.
— Мен пишираман, сен сузасанми?
— Ҳа.
— Бўлмайди, земляк. Энди ош сузишинг қийин. Бир марта, бор, ана, икки марта сузарсан. Учинчисида ўзингни сузиб қўйишади. Бошқа йўл топиш керак. Сен... мен билан энди яширин учрашма. Ака-укадай келиб-кетиб юравер. Аммо йигитларимиз билан кўришмайсан. Сен уларни танимайсан, улар сени танишмайди билдингми? Сен ашулангни айтиб юравер. Асадбек ростданам ақлли бўлса, бизга ўзи ёрдам беради.
— Қандай қилиб?
— Қотиллар кимлигини ўзи сенга айтади. Сен уларни ўлдирасан. Шу билан орани очиқ қилади.
— Лақиллатиб, бошқа одамни кўрсатса-чи?
— Йў-ўқ. Ўқилон ғирромлик қилмайди. Ғирромга суянган одам бу оламда узоқ яшай олмайди. Ўқилон— фигура! — Зелихон шундай деб кўрсаткич бармоғи билан ҳавода ундов белгисини ясади. — Сен мени гўрга тиқасан, земляк. Минг марта айтдим сенга: ўч олиш фикри ақлингни ўтмаслаштириб ташлаяпти. Чуқур ўйламаяпсан. Ҳар бир ишга алоҳида режа тузиш керак. Бир иш иккинчисига сира ўхшамасин. Биз уларни чалғитиб ташламасак, дарров думимизни босишади.

Зелихон хонтахта устидаги шишадан пиёлага мусаллас қуйиб сипқорди, сўнг сигарет тутатди. Чордана қуриб ўтирган Элчин худди тасбеҳ ўгираётган мулладек нигоҳини бир нуқтага қадади. У Зелихоннинг зеҳнига, садоқатига ишонар эди. Қамоқда юрган кезларида, вужуди қасос алангасида қовжираётган дамларда Элчин йўл-йўриқ изларди. У аввалига бир ўзи жангга кирмоққа қасд қилди. Ўша машъум кечада ҳовлисига қадам қўйган ҳар бир одамнинг калласини сапчадек узишни истади. «Каллани сапчадек узиш» — айтмоққа осон. Умрида чумчуқ сўймаган йигит одам боласига пичоқ ура олармикин? Элчин душмани билан юзма-юз келганида қўллари қалтирашини билиб, ўзини бу ишга руҳан тайёрлади. Хаёлан юзлаб одамларнинг юрагига пичоқ қадади, калласини узди. Зелихон қамоқдалигида кўзлари чақчайган бир йигитни кўрсатиб «отасининг калласини арралаб ташлабди, ҳайвон» деганида Элчин бир неча кун давомида душманларига шу жазони раво кўрди. Хаёлан арралаганда уларнинг дод-фарёдлари орасида арра тишларига дош беролмаган суякларнинг қиртиллаганини эшитиб ўзи ҳам сесканиб кетди. Кейин «уйимга кирганларнинг турқи балки шу йигитга ўхшагандир», деб ўйлаб душманларини шу кўзлари чақчайган тимсолида кўра бошлади. Ана шунда кўкракка пичоқ қадаш қўлидан келмаслигига фаҳми етиб, Зелихонга суянишни ўйлади. Зелихон одам ўлдириш, деган тушунчадан йироқ эди. Иложи бўлса бировнинг бурнини қонатмасам, дерди. У «ақл иш бермаган ерда қон тўкилади», деб ҳисобларди. Зелихон фақат ўз ақлига ишонади. Қамоқдан кейин учрашишиб қасос ҳақида сўз очилганида у «йўлбарсни бир ўқ билан ўлдиришнинг қизиғи йўқ, уни яралаб, ўкиртириб лаззат олиш керак», деди. Бу гап Элчинга мойдек ёққан, ҳозир шуни ўз тили билан Зелихонга қайтармоқда эди.

Зелихон рўпарасида ўйга чўмиб қолган бу йигитни нима учун ёқтириб қолганини ўзи ҳам билмайди. Элчин истарали йигит, десак, Зелихон бунақаларни кўп кўрган, мусофирликда икки мусулмон фарзанди бир-бирига суянди, десак, қамоқда бошқа мусулмонлар ҳам бор эди. Зелихон бегуноҳларга хайрихоҳ эди, десак, қамоқ фақат гуноҳкорларнинггина бошпанаси эмас, кўзларига «мен нима учун бу азобларни тортяпман?» деган савол муҳрланиб қолган маҳбуслар кўп учрарди. Зелихон қамоқ, айрилиқ азобларига чидай олмасдан ҳўнг-ҳўнг йиғловчи эркаклардан нафратланарди. Тўғри, йиғи эркакка хос ҳусн эмас. Аммо, Зелихон уларнинг дардини ҳис қила олмас эди. На фарзанди, на тайинли хотини, на тайинли қариндош-уруғи бўлган одам соғинч ҳиссини туйиши мумкинми? Элчинда Зелихонни нафратлантирадиган нарса йўқ эди — Элчин ўзининг бегуноҳлигини кўрсатишга ҳаракат қилмас, нолимас эди. Бу йигитнинг муштдек юрагини қоядек дард босиб турганини Зелихоннинг синчков нигоҳи илғади. Зелихон дардини яшира оладиган одамни яхши кўрарди. Ҳасратини ҳар кимга тўкиб солувчи эркакдан дўст чиқмайди, деб ишонарди.

Зелихон Элчиндан қасос ҳақидаги гапларни биринчи марта эшитганда сергакланди. У муштдек юракни қоядек дард босиб турибди, деб юрса, бу вужудда вулқон куч тўплаётган экан. Вулқон отилса ҳаммаёқни барбод қилади. Бироқ отилган чоқда баҳайбат тоғларни поралаб ташлагани каби кўкракни ҳам, аламли юракни ҳам тилка-тилка қилиб юборади. Зелихон айнан шундан хавотирга тушди. Қамоқда юриб ҳамма нарсани ўргандим, деган бу гўдак (Зелихоннинг олдида Элчин бир гўдак эди) биринчи тўқнашувдаёқ нобуд бўлиши аниқ эди. Зелихон бу катта шаҳарга бегона, бу томонларда ризқ териб ейиш унга насиб бўлмаган, қамоқда. Элчиннинг тарғиботидан кейин шу ерларда юрган эди. Қиморбозликдан иш бошлаб жуда катта тўдага бош бўлган, энг муҳими, бирон марта бўлсин қўлга тушмаган Асадбекнинг кимлигини у яхши билмас эди. Асадбек тўғрисида юрган гапларга ишонмаган тақдирда ҳам, шаҳар ҳокимига нисбатан кўпроқ мавқега эга бўлган бу одам аҳмоқмасдир, деб қўйган эди. Зелихон аввалига Элчинни бу йўлдан қайтармоқчи ҳам бўлди. У дунёда уч нарса очиқ кўзни кўрмайдиган қилиб қўяди, деб ҳисобларди. Бу — муҳаббат ўти, қасос ўти ва бойлик ўти. Зелихон муҳаббат ўтида ёнмаган. Бирон-бир қиз ишқида ўртанмаган. Муҳаббат муаммоси тўшакда бир неча дақиқада ҳал этилади, деган ақидага амал қилиб яшаган.

У бойлик ўтидан ҳам қўрқмайди. Чунки у ўғри бўлгани билан, ҳеч маҳал бойлик тўплашга уринмаган. Яшаши учун ақчаси бўлса бас, бошқалардай данғиллама иморату орзу-ҳавасларга берилмаган. Шу ёшга кириб ҳали ўз уйи бўлмаган. Чўнтак бўшаб қолган тақдирдагина «ов»га чиққан. Ҳатто қўлга тушиб қамалиб кетсам, чиққанимда асқотади, деб жамғармаган ҳам.

Қасос ўти болалигида бир ёнгану бобосининг саъй-ҳаракати билан ўчирилган эди.

3

Уруш чеченлар яшайдиган қишлоқлардан узоқроқда бўлса ҳам унинг совуқ нафаси уфуриб турарди. Қишлоққа қорахатлар билан бирга нохуш миш-мишлар ҳам етиб келарди. Миш-мишлар оқибатда ҳақиқатга айланиб бутун қишлоқ бир кечада иссиқ уйлардан ҳайдаб чиқилди. Бир ҳафта бурун Зелихонларникига қорахат келиб аза очилган эди. Олти ёшга тўлган бола дам онасига қўшилиб йиғларди, дам бобосига қўшилиб қўлини фотиҳага очарди. У нима учун аза очилганини тушунди — отасини фашистлар ўлдирган. Энди қотилларни кечириш мутлақо мумкин эмас! Зелихон — энди хунхўр! Томирларида чечен қони оқаётган олти ёшли бола аждодлар қонунини биларди. Унга на онаси, на бобоси «ўч ол!» деди. Бу гапни унинг юраги айтарди. Шунга ақли етган бола нима учун уйқудан уйғонишганини, иккита тугунни орқалаб тун бўйи йўл юришганини, сўнг поездга чиқишганини билмади. Биров «фашистлар яқин келиб қолишибди, бизни асрашяпти», деди. Бундан Зелихон ажабланди: фашистлар яқин келса яхши-ку! Ўч олиш имкони туғилган экан-ку?! Яна биров: «Ичимиздан сотқин чиқибди, ҳаммамиз шунинг касофатига қолибмиз», деди. Зелихон бунга ҳам ажабланди: қанақа сотқин, нимани сотади, қишлоқда сотадиган нима бор?..

Узун кечалар йўл юриб, ниҳоят бир қишлоқдан паноҳ топишди. Унинг кўнгли, кўзлари тоғларга, чўққиларга ўрганган эди. Бу қишлоқ тоғдан анча узоқ экан. Аммо бобоси ҳам, онаси ҳам шукр қилдилар. Бир деҳқон уйининг ярмини бўшатиб берди. Девор ўрнига эски шолча тортиб яшайверишди. Етти ёт бегонага ҳам мурувват кўрсатувчи имонли одамларга учратгани учун бобоси Оллоҳга шукрлар қилди. Яхшиям, бобоси туркчани биларди, бўлмаса кунлари имо-ишора билан гаплашишга қолармиди...

Зелихоннинг онаси бетобланиб, икки кунгина ётди. Учинчи куни узилди. Бобоси доно эди. Ортиқча кийим-бошни қўйиб, ўлимлигини олволган экан, ўзига эмас, келинига насиб этди. Уч йил оралатиб ўзи қайтиш қилганида кафанликни шу уй эгаси топиб берди.

Бобоси бир ойдан зиёдроқ ётди. Унинг умри тугаган, бу ҳаётдан насибаси қирқилган эди. Бироқ, Худога ёлбориб яна бир-икки ой умр сўрарди. Бегона юртда ғирт етим бўлиб қолаётган набирасини озгина бўлса-да, оёққа қўйиб омонатини топширса, кўзи очиқ кетмас эди. Насиба қирқилса, банда чорасиз экан. Бобоси то сўнгги нафаси чиққунча Зелихонга насиҳат қилди. Сўнгги кечада, сўнгги кучини жамлаб бир гап айтди:
— Болам, биз чеченлармиз! Унутма! Чеченлар ҳеч қачон ўзларини хор қилиб қўймаганлар. Сен ҳеч қачон номардларга бўйин эгма! Аммо яхшилик қилганларни умринг адо бўлгунча бошингда кўтариб юр. Сен ўз номусинг учун жанг қилмасанг, кечираман. Лекин сенга яхшилик қилган ўзбекларнинг номуси учун жон бермасанг, рози бўлмайман. Оллоҳ ҳам сени кечирмайди, билиб қўй! Ўзбеклар ҳам биз каби хорланган экан, вақти келса жонингни аяма...
— Бизни хўрлаганлардан қасос оламан! — деди Зелихон. Тўққиз ёшли чечен боласининг томирида қасос қони кўпириши учун етарли асос бор эди. Бобо буни биларди ва шундан қўрқарди. Қасос ўти боланинг кўзини кўр қилиб ҳалокат жари томон етаклаши муқаррарлигини билгани учун ҳам қўрқарди.
— Зинҳор! — деди бобо, кейин кўзларини юмиб тин олди. У хўрликни кечира олмайдиган чечен эди. Айни чоқда, мусулмон ҳам эди. Чолнинг уришдан тўхтай деб турган юрагида армон билан биргаликда қасос ҳам бор эди. Қасос — хўрликдан, армон эса қасоснинг қиёматга қолаётганидан. Чечен учун хўрликдан ҳам чорасизлик ёмон. Улар чорасиз эдилар. Тўққиз ёшли бола қасос оламан, деб қасам ичяпти. Аммо кимдан қасос олади? Биргина шуларнинг ўзини ҳайдаб чиқарганларида эди, сўраб-суриштириб, айбдорни топарди. Агар бу мўйловнинг (бобоси Сталинни «мўйлов» деб атарди) истаги билан амалга оширилган бўлса бошини қайси тошга уриши керак?! Бобоси кўзларини юмиб шуларни ўйлади. Унинг бу ўйлари Зелихон учун сир бўлиб қолаверди.
— Зинҳор, — деди бобоси кўзини очиб. — Бундай қасам ичма! Ота-онам гўрида безовта бўлмасин, десанг, тинч юр!

Уй эгаси, эски дўппининг устидан қийиқча боғлаб олган мўйсафид ярим пиёла сутга тўрт тўғрам нон ташлаб, бир тишламини хастанинг оғзига тутди. Зелихоннинг бобоси лабини қимтиб бош чайқади.
— Э, биродар, жонга дармон керак. Нима деяётганингизни англамадим-у, аммо болани қўрқитиш ярамайди. У ҳали ҳеч нимани тушунмайди.

Бобоси уй эгасининг мақсадини англаб, оғзини базўр очди. Анчагача тамшанди. Аммо нонни юта олмай аста чиқарди. Кўзлари бежо бўлди.
— Болам, сен бир айланиб кел, — деди уй эгаси Зелихонга.

Зелихон чиқиб кетди. Уй эгасининг нима учун чиқариб юборганини улғайганидан сўнг фаҳмлади. Бобосининг тамшаниши то ҳанузга қадар кўз олдидан кетмайди. Бобосининг ризқи тугаганмиди ё ўлим олдидан бировнинг луқмасини ютишни истамадими — бу Зелихон учун муаммолигича қолди.

Зелихон Элчин билан шаҳарда учрашганидан бери бобосининг сўнгги гапларини кўп эслайди. Бир томондан бобоси қасосга йўл бермай кетди. Бир томондан Элчин — ўзбек, уларга ҳам бошпана, ҳам насибасидан бир улушини, ҳатто кафанлигини баҳам кўрган халқ фарзанди. Яна бир томондан эса, Элчин қасос олмоқчи бўлган одамлар ҳам шу халқ фарзандлари.

Аланга Зелихонни уч томондан ўраб келарди. Бир томон очиқ — қочоқлик, қўрқоқлик йўли. Чеченнинг энг номарди ҳам бу йўлдан юрмайди. Зелихон Элчинни қасос йўлидан қайтара олмаслигини биларди. Зелихон қасосга шерик бўлиш учун эмас, балки Элчинни аждаҳо комидан асраб қолиш учун ҳам унинг ёнига кирди.

Уч-тўрт киши бўлиб хазинани уриш ёки бирон бойни қақшатиш Зелихонга чўт эмасди. Аммо Элчиннинг бошлаётган иши уни анча гангитиб, ташвишга солди. У Асадбекдан чўчиди, дейиш бўҳтон. Асадбекдан жони ўзига ширин одамлар қўрқишади. Шу пайтгача Зелихон жонини сира аямаган. Унинг ташвиши— мақсад сари бир-икки қадам қўйганда бевақт йиқилиб қолиш. Эркак одам бир ишга қўл урдими, ўлса ҳам охирига етказиб ўлиши керак — шу ақида асосида улғайган Зелихон бошқача йўл тутолмас эди.

Зелихон пиёладаги мусалласни сипқориб, нигоҳини бир нуқтага қадаб ўтирган Элчинни елкасига аста туртиб қўйди.
— Зелихон ярим йўлда ташлаб қочмайди. Мен — чеченман! Унутма! Асадбек сенга уйлан дебдими, уйлан. Тўйга тайёргарлик кўравер.

Бу гапдан кейин Элчин бошини кўтарди.
— Ўзига куёв қилса-чи?

Зелихоннинг режасида ишнинг бу томонга оғиши назарда тутилмаган эди. Асадбекнинг қизини ўғирлаш, унинг номусига тегиш ғояси Зелихондан чиққанди. Ишни бошидан охиригача ўзи пишитиб берган эди. Элчиннинг вазифаси қоронғи уйда қўрқувдан титраб ўтирган қизнинг қўйнига кириш эди. Элчин биринчи кирганида «Ойижон!» деб ўзини ҳимоя қилган, жонҳолатда типирчилаган қизни енга олмади. Унга раҳми келди. Агар қиз «отажон!» деб бақирганида кўз олдига Асадбекнинг қаҳрли нигоҳи келиб, балки кўнглидаги раҳмини парчалаб ташлармиди... Кейинги сафар қиз «Ойижон!» деб бақирганда Ноиланинг ноласини эшитгандай бўлди. Қиз унинг бағрида типирчилаганда кўкрагига пичоқ қадалиб жон талвасасида ётган хотини кўзига кўринди.

Ўша тун Элчин учун синов кечаси эди. У ўч олишнинг азобини ҳам, лаззатини ҳам татиб кўрди. Лаззат шаҳватини қондиришдан эмас, балки дастлабки қасоснинг ширин сувидан эди. Азоби — ноҳақ жабр тортиш нима эканини тотиб кўрган йигит бегуноҳ бир покиза вужудни булғади.

Зелихон бу режани тузаётганида Элчининг икки ўт орасида қовурилишини ҳисобга олган эди. Чунки у биринчи марта бегона одамнинг чўнтагига қўл солганини, пулини олгандан сўнг уятдан ёниб кетай деганини ҳали-ҳали унутмайди.

У Асадбекнинг феълини билмас эди. Бундай воқеага қўл силтаб қўядими ё куйиб-ўртанадими — бу Яратганга аён бўлмаса, Зелихон учун қоронғи эди. Унинг назарида Асадбек — ота. Қизининг номусига бефарқ қарайдиган ота бу юртда йўқдир. Айниқса, кўпнинг назарида турган одам номусига бефарқ қарамас. Тўғри, унинг олдида шўрлик қизи ҳақида оғиз очишга журъат этмайдилар. Лекин пана-панада висир-висир бўлишини Асадбек сезмасмикин? Гап-сўзларга барҳам беришнинг энг тўғри йўли — уни турмушга узатиш. Куёв ким — Элчинми?

Зелихон Элчиннинг сўзларидан кейин ўзини Асадбекнинг ўрнига қўйиб кўрди. Ўзини марҳаматли, одампарвар кўрсатаман, деса «қамалиб чиққан отарчи»дан ҳазар қилмай, елкасига куёвлик сарпосини ёпади. Мисқоллаб тўплаган обрў-эътиборини ўйласа— бу ишга қўл урмайди. Хўш, Асадбек учун қай бири қадрли? Зелихон бу муаммога жавоб топа олмади. Бу саволга жавобини орадан кунлар ўтиб Асадбекнинг ўзи айтди.

VI боб

1

Шариф гаранг эди. Кўргани, эшитгани тушми ё ўнг эканини фарқлай олмас эди. Дам баданига ҳаловатли, ҳузурли куч ҳукм ўтказади. Бундай пайтда у булутларга ёнбошлаб олиб осмонда сузади. Баъзан эса қандайдир кўринмас бир куч темирчининг омбури билан юрагини сиқа бошлайди. Ана шунда дунё кўзига тор бўлиб кетади. Эсини таниганидан бери кўрган хўрликларини, аламларини, ташвишларини эслайди. Эслаб туриб «омбурингни қаттиқроқ сиқсанг-чи, бу юракни биратўла вайрон қилиб юбора қолсанг-чи», деб нола қилганини ўзи ҳам билмайди.

Шариф ҳозир ҳам шу аҳволда эди. Икки қаватли каравотнинг юқорисида юзтубан ётиб, дардли бир тўлғоқни бошидан кечирар эди. Бировларни оналари дуру гавҳар устида туғиб, зарҳал чойшабларга йўргаклайди. Шариф эса, ўзининг назарида, аламлар тиконзори устида туғилиб, ташвиш чойшабига йўргакланган. Бировлар бу дунё неъматларидан тўйиб баҳраманд бўлиш учун туғилган бўлса, Шариф, ўзининг назарида, бу дунёдан нафратланиш учунгина туғилган. Гўё поки Парвардигор уни яратиб «мана, қараб қўй, бу дунёда ҳавас қиладиган ҳеч нима йўқ», дегану Шариф туғилганидан бери мана шу ҳақиқатни қадам-бақадам англаб бораётгандай. Бу дунёда ҳамма нарса ўлчовли, ҳамма нарсанинг чеки-чегараси мавжуд. Алқисса, Шарифнинг бошига ёғилаётган абри бало ҳам ўтай деб қолдими? Бу булут унинг бошига ҳам турли аламларни, ғуссаларни ёғдирди. Энг сўнгги бало — ўлим уруғими, қамоқда чириш қисматими?

Шарифнинг баданига титроқ югуриб, тан азоби руҳ азобини қувиб чиқара бошлади. Энг чеккадаги каравотда қарта ўйнаб ўтирган давранинг дам жимиб қолиши, дам асабга тегувчи ғўнғиллаши, дам баланд овозда гап талашишлари ҳам туманли уфқ бағрига сингиб кетди. Кўнгли айниб, аъзойи бадани қақшади. Гўё ичига катта илон кириб олиб, буралиб, тўлғона кетди. Шариф шу ёшга кириб сира бу ҳолга тушмаган эди. Тумов каби неъматлардан эл қатори баҳраманд бўлиб юрарди. Аммо бунақа азобли дардни сира тортмаган эди. «Ўладиганга ўхшайман, — деб ўйлади у. — Ичимда буралаётган жон бўлса керак. Жон чиқиши шунақа оғирми?» азоблар мавжи бир оз пасайган дамда отасини эслади. Отаси мулойим гапира туриб жон таслим қилган эди. Гўё гапдан ҳориб пича тин олиш учун кўз юмгандай эди. Ўшанда «ўлиш ҳам осон эканда», деб қўйганди. Ҳозир бу дунёни ташлаб кетиш осон эмаслигини англади.

Шариф ҳаётдан тўйган банда эмасди. Тўғри, у тўйиб еб-ичмади, тараллабедодлар унга насиб этмади. Агар шуларга интилса, балки эришарди. Нолимай яшади, ўз ишини билди. Шу аҳволда бўлса ҳам яна узоқ йил умр кўришни истарди. Аммо начора... куни битганга ўхшайди.

«Куним битганга ўхшайди...» Шарифнинг хаёлига бу фикр қаттиқ ўрнашиб олган эди. Соқчи орқали дўхтир чақиришни ўйламасди. Бу дард ўлим даракчиси эмас, балки мастлигида томирига юборилган қорадорининг хумори экани хаёлига ҳам келмас эди. Терговчининг гаплари, билагидаги игна изи оқибатда бунчалар азобларга қўйишини ўйлаб кўрмаган эди. У гиёҳвандларнинг телба кўзларини, қийноқдан тўлғонишларини телевизорда кўрган, аммо бу аҳволга тушиб қолиш мумкинлигини билмас эди.

Унинг букчайиб титраши, ўқчиши хона бурчагида қимор ўйнаб ўтирган йигитлар диққатини тортди. Улардан бири Шарифга яқинлашиб пешонасида тўзиб ётган сочини сиқимлаб, бошини кўтарди-да, ярим очиқ кўзларига қаради.
— Пахан ўзимиздан экан-ку, — деди у шерикларига қараб. — Нима қиламиз?
— Ишинг бўлмасин, — деди тўрда ўтирган киши.
— Одам қилиб қўя қолай, ҳаққини тўлар? — деди йигит.

Тўрда ўтирган кишидан садо чиқмади. Йигит ўзи ётадиган каравот томон юрди. Ёстиғини кўтариб, тугунча олди. Тугунчада эм игнаси, икки қарич ингичка резина ичак бор эди. У Шарифга яқин келиб уста ҳамширалардай резина ичакни Шарифнинг билагига ўради. Сўнг бўртиб чиққан томирга игна санчди.

Шарифни азоблар тарк этди. Ичидаги илон ҳам тинчиди. «Жоним чиқиб кетдими?» деб ўйлади. У роҳат қучоғида суза бошлади.

Ширин тушлар адоғига етиб маст уйқудан уйғониш вақти етди. У кўзини очиб пича карахт ётди. Қамоқда экани, азоб билан тўлғонгани туш эмас, ҳақиқат экани аён бўлгач, ёстиқдан бош кўтарди. Темир панжарали дераза ортида туннинг қора башараси кўринди. Икки қаватли темир каравотларда маҳбуслар ухлаб ётишибди. Хона бурчаги одатдагидай бедор. Улар Шарифнинг уйғонганини дарров сезишмади. Шариф қаддини кўтариб оёқларини пастга осилтириб ўтирганидан кейин даврадаги бир йигит ўрнидан турди.
— Ҳа, пахан, аҳвол қандоқ, зўрми? — деди у Шарифга яқинлашиб.

Шарифга унинг юзи таниш кўринди. «Қаерда учратган эканман?» деб ўйлади.
— Пастга тушинг мундоқ, ҳисоб-китоб қилиб қўяйлик.

«Нимани ҳисоб-китоб қиларкан», деб ўйлади Шариф.

Йигит Шарифни эшик томон бошлади. Ювингич ёнидаги қўпол қутини имлаб деди:
— Ўтириб ёзинг, пахан. Кеннайимга бизадан салом этинг. Эртага бештагина кусок тайёрлаб қўйсинла.
— Тушунмадим, — деди Шариф, — кусогингиз нима?

Йигит ростдан тушунмадими ё лақиллатяптими, деб ўйланиб, унга қаттиқ тикилди. Кейин қўпол оҳангда:
— Беш минг, — деди. — Эртага беш минг сўм етказиб бермаса тилла тишларингни суғуриб оламан.
— Менда... тилла тиш йўқ, — деди Шариф соддалик қилиб.
— Қани, оғзингни оч-чи?

Шариф йигитнинг амрига бўйсинди.
— И-э, — йигит ажабланди, лекин бўш келмади, — унда каллангни суғуриб оламан. Беш мингга арзийдими ўзи бу калла?
— Оғайни, уйда беш мингим йўқ менинг. Мен...
— Гапни чўзма. Ёз хатингни. «Беш минг топиб бермасанг, мени ўлдиришаркан», деб ёз. Агар бу ҳам сенга етмаса, бола-чақанг билан қириб юборамиз. Беш минг топилади, бола-чақа топилмайди!

Шариф чинакамига қўрқиб кетди. Бу йигит ҳазиллашаётганга ўхшамайди. Шариф бундай қаҳри қаттиқ одамларнинг қилмишларини кўп эшитган. Одамнинг калласини олиб ҳузур топадиган бу бандалар шунчаки пўписа қилишмайди. Шариф йигит узатган қаламни олиб иккитагина жумла ёзди: «Онаси, менга беш минг жуда зарур. Хатни олиб борган одамга топиб бер». Йигит хатни ўқиб жилмайди.
— Вей, пахан, одам экансан-ку, а? — деб елкасига уриб қўйди-да, эшикни тақиллатди. Дарча очилиб соқчининг юзи кўрингач, хатни узатди.
— Шу акахонимизнинг хатлари бор экан, бериб қўйинг, дуо қиламиз.

Шариф бу ҳолатни кўриб лол қолди. Бу йигит ким ўзи — маҳбусми ё турманинг эгасими? «Ҳар ҳолда пачакилашмаганим дуруст бўлди», деб ўзига таскин берди. Йигит уни даврага бошлади. Шарифга ҳам қарта узатдилар.
— Мен... ўйнамайман... билмайман, — деди Шариф картани нари суриб.
— Билмасанг, ўрганасан, бундан осон иш йўқ. Эркакмисан ўзинг? — деди йигит қатъий оҳангда. Сўнг Шарифнинг олдига бир сиқим пул қўйди. — Бу қарз. Ҳалигидан ташқари.

Шариф аввалига бир оз ютди. Йигит унга маслаҳатчи бўлди. Сўнг ютқизиқ бошланди. Қарзга берилган бир сиқим ғижим пул учдию кетди. Даврадагилар ҳотамтой эдилар, бу бечорага раҳм қилиб қарзга ўйнашга рози бўлдилар. Тонгга қадар «Шариф бойвачча» ўттиз минг сўмлик қарзга ботиб, ўрнидан турди.
— Кеннайимга яна бир хат ёзасан. Пул уч кунда шу ерда бўлиши керак, — деди йигит. — Бўлмаса...
— Биламан, — деди Шариф, — молим ҳам, жоним ҳам талонда.
— Ҳа, баракалла, бор, ёзақол.

Соқчига яна битта хат берилди. Шариф ўрнига чиқиб ётиб ўйга толди. Боши берк кўчага кириб қолди десак, унча тўғри бўлмас. Боши берк кўчага кириб қолган одам орқасига қайрилиб қайтиб чиқиб кетиши мумкин. Шариф назарида боши берк кўчага кириб қолмади, балки нақ жаҳаннамнинг ўзига қулади, энди ортга йўл йўқ. Шу ерда куйиб кул бўлиши керак. Ўзи-ку куйиб кул бўлишга маҳкум этилган экан, оиласини нима сабабдан жаҳаннам оловига рўпара қилди? Шариф мана шундан доғда эди. Энди нима қилсин? Терговчига айтсинми? У ҳам буларнинг одами бўлса-чи? Терговчининг кўриниши бинойи, ўзини раҳмдил, ҳақиқатпарвар қилиб кўрсатяпти. Бироқ... ҳамма балони шулар бошлайди — Шарифнинг биринчи учрашувдан чиқарган хулосаси шу.

Янги йилнинг биринчи куни Шарифни ўттиз минглик қарз ботқоғига ботирди. Хотини бу пулни қаердан топади, кимларнинг остонасига бош уради — ўйлаб ўйига етолмади. Пулдор қариндош-уруғи, ошна-оғайниси ҳам йўқ. Синфдошлари орасида бойваччалар бор, лекин уларни ҳаромхўр деб билиб, ҳатто ҳазар қилиб борди-келдини йиғиштириб қўйган эди. Энди улар ёрдам беришармикин?

Нонуштадан кейин Шарифнинг тунги «улфатлари» дам олиш учун каравотларига чўзилишди. Уларга халақит беришнинг қандай оқибатга олиб келишини барча билармиди, ҳар ҳолда айтадиган гапларини пичирлаб айтишди, юрсалар оёқ учида, товуш чиқармай юришди. Тунда ҳориган маҳбуслар пешингача ухлаб, худди келишиб олгандай бир вақтда уйғонишди. Бир-иккитаси юз-қўлини ювган бўлди. Қолгани турибоқ, бир эснаб, бир керишиб тунда эгаллаб ўтирган жойига борди. Тартибли идора ходимларидай, хизматни бир дақиқа кеч бошласа қиёмат юз берадигандай жам бўлиб олишди. Лекин ўйинни — хизматни бошлашмади. Идоралардаги «беш дақиқалик мажлис» каби буларнинг ҳам издиҳоми мавжуд эди. Идоралардан фарқи— бу ерда мажлис бир-икки соат эмас, бир-икки дақиқа давом этарди. Тўроғасининг гапи қисқа эди:
— Олиб келишмабдими?

Жавоб ундан ҳам қисқа:
— Вақт ўтди.

Ҳукм ундан-да қисқа:
— Бошла.

Шариф талвасада ётганида унга жон ато этган йигит ўрнидан туриб эшик яқинидаги каравотга яқинлашди. Каравотда узала тушиб ётган гўштдор одамни туртди:
— Тур ўрнингдан, тўнка! — деб бақирди. Хонадагилар ҳозир даҳшатли воқеа юз беражагини фаҳмлаб, нафас ютдилар. Каравотдаги одам — ўттиз беш ёшлардаги бақалоқ йигит — пинакка кетган эканми, қаддини кўтарди-ю, аммо нима гап эканини англамай, жавдираб қаради.
— Соатингга қара, бир бўлдими? Ўн иккига етказишинг керакмиди?
— Олиб келишади, гап йўқ, окахон.
— Қани, оғзингни оч.
— Жон окахон, Худо урсин, олиб келишади.
— Оч деяпман!

Йигит эланавергач, даврадан бир одам турди-да, унга яқинлашиб бошини чангаллади. Худди тарвуз танлаётгандай қаттиқ сиқди. Йигит оғриққа чидаёлмай додлади. Шунда у одам иккита бармоғини йигитнинг бурнига тиқиб, бир қўли билан пастки жағини пастга тортди. Япалоқ омбир билан йигитнинг тилла тишларини бир-бир суғуриб олдилар. Маҳбуслар, жумладан Шариф ҳам орага тушишга қўрқиб, ҳеч нарсани эшитмагандай, сезмагандай жим ётавердилар. Ташқаридаги соқчилар эса, дод-фарёдга аҳамият ҳам бермадилар. Шариф бу манзарани кўриб титраб кетди. «Бунинг-ку, тилла тишларини суғуриб олдилар. Мени нима қилишар экан?» деган ўй уни «ўзимни ўлдирсам қутуламанми шу азоблардан», деган тўхтам сари бошлади.

2

Зоҳид Шарипов прокуратура жойлашган иморатнинг рўпарасидаги катта чинор ёнида турган аёлни дарров таниди. Унинг шундай фазилати бор — бир кўрган одамини анча вақтдан кейин ҳам дарров танийди. Эгнига одми, бир оз уринган палто кийиб, жун рўмол ўраб олган бу аёл — Шариф Намозовнинг хотини — Насиба эди. Бу ҳол Зоҳидни ажаблантирмади. Хибсга олинганларнинг яқинлари милисахонага, прокуратураларга қатнайвериб тинкалари қурийди. Аёллар йўл пойлаб, кўз ёш тўкиб чарчашмайди. Эрларининг ёки оталарининг, ака-укаларининг бегуноҳ эканини исботлашга уринишади. Бу фарёдларга қараб туриб, «фақат бегуноҳлар қамалар экан-да», деб фикрлаш мумкин. Зоҳид ҳозир ҳам шу ҳол такрорланади, деб ўйлади. Хотинни кўрмаганга олиб ўтиб кетмоқчи ҳам бўлди. Лекин ўзи сезмаган қандайдир куч уни бир нафас тўхтатди. Аёлнинг ҳаракатга келиши учун шу бир нафаслик тўхташ кифоя эди.
— Сизда гапим бор, — деди аёл синиқ овозда.
— Юринг, — деди Зоҳид.

Аёлга совуқроқ муомала қилгани ўзининг ҳам ғашини келтирди. «Бу хотин неча соатдан бери совуқда турган экан, гапи бордирки кутган... Эрининг айби йўқлигини ўзим ҳам сезиб турибман. Бу бечорага нима учун хўмрайдим?» Зоҳид иморатга ярашмай турган кичкина пешайвонга чиқиб ортига ўгирилди. Насиба «келиб тўғри қилдимми ё адашдим-ми?» дегандай битта-битта босиб чиқарди.
— Кеннойи, юраверинг, — деди Зоҳид.

Бу гапдан кейин аёл сал дадилланди. Машойихлар «сўз ханжар бўлиб жонни олиши ҳам, тириклик суви бўлиб ўликка жон бериши ҳам мумкин», деганларидай, Зоҳиднинг «кеннойи» дейиши аёлдаги хавотир булутини бир оз тарқатди.

Ўтган куни пешинда бир йигит келиб: «Шариф акамгила хат бериб юбордила», деганида хуфтон дили бирдан ёришиб кетди. Аммо «Беш минг бериб юбор», деган гапни ўқиб ажабланди. Хаёлига урилган нарса — пулни милисадагилар сўрашган, деган фикр бўлди. Йигит яна келажагини билдириб, тезда изига қайтди. Кеча эса ўттиз минг сўралган мактубни ўқиб, эти увишиб кетди. «Агар шу пул эвазига чиқариб юборишса, уйни сотиб бўлса ҳам топиб бераман», деган қарорга келди. Кейин фикри бир оз тиниқлашгач, «пулни ким сўраган бўлиши мумкин?» деб ўйлай бошлади. Ўша куни уни икки йигит сўроқ қилди. Бири шарттакироқ эди. Ўша сўрадими? Кейингиси прокуратураданман, деган эди, ё ўшанисига керакми бу пул?

Насиба, гарчи маълумотли аёл бўлса-да, ҳуқуқ илмидан буткул бегона эди. Милисанинг вазифаси — ушлашу қамаш, прокуратуранинг вазифаси — қоралаш, суднинг иши — ҳукм чиқариш, деган юзаки тушунча барча ўзбеклар сингари унга ҳам йўлдош эди. Ўйлаган ўйлари ҳам шу тушунчалар атрофидан нари силжимас эди. Прокуратура фақат қоралаш эмас, ҳақиқатни ойдинлаштириш иши билан ҳам шуғулланиши лозимлигини билмаса-да, пул сўраса шулар сўрайди, деган фикр уни Зоҳид билан учрашишга даъват этди. «Сўрайдиган бўлса ўзимга айтсин, нимага одам қўяди», деб тонготарда йўлга чиқди. То Зоҳид кўрингунча минг хаёлга борди. «Ўзимни қамаб қўйса-я», деб қўрқди ҳам. Зоҳид совуққина қилиб «юринг», дегач, «ҳа, шу сўраган, келганим ёқмади», деб, кутганларига пушаймон еди. Аммо «кеннойи» деган сўз умид ҳам берди. «Бу эмасдир», деган илинж билан қадамини тезлатди.

Зоҳид Насибага жой кўрсатиб, ўзи ҳам ўтирди. У аёлнинг эримда айб йўқ, деб гап бошлашини кутиб, «қулоғим сизда», дегандай қаради. Аёл дафъатан тилга кирмади. Унинг нимадандир ўнғайсизланаётганини Зоҳид сезди.
— Кеннойи, бир гап бўлдими, эрта саҳардан келиб турибсиз?
— Йў-ўқ, — Насиба шундай деб Зоҳиднинг кўзига бир қараб олди. Дилидагини айтиш ёки айтмаслигини билмай яна иккиланди. — Билай деб келувдим.
— Тергов энди бошланди. Сизга бир нима дейишим қийин.
— Ростдан ишоняпсизми шунга?
— Биз далилларга ишонамиз. Уйингиздан қорадори чиққан. Бу эрингизга қарши бир далил. Агар уни бирор одам қасддан ташлаб қўйган десак, бунга ҳам далил керак, гувоҳ керак. Агар шу ишга оид бирон гапингиз бўлса, айтинг.
— Гапим йў-ўқ... — Насиба айтмаса, ҳозир чиқиб кетиши лозимлигини билиб, сўзида тутила-тутила мақсадга кўчди. — Ўзимда йўқ, лекин қариндош-уруғ қараб турмас. Бир ҳафтада олиб келсам... далил топиладими?

Зоҳид аввалига тушунмади. Кейин аёлнинг мақсадини фаҳмлаб жони чиқиб кетай деди. Одамларнинг пора таклиф этиши унинг учун янгилик эмас. Акасининг ўлими ва суд жараёнлари даврида ишга пул аралашганини сезиб қанчалар изтиробга тушган бўлса, кейинроқ бу хизматга ўтиб пора билан юзма-юз келгач, ундан бешбаттар қийноқларга учради. Пора деган нарса бир қараганда кўриниши ёқимтой, тили ширин, онаси ўпмаган қизга ўхшайди. Бу қиз ишвали жилмайиб, кўз қисиб, нуқул тўшакка имлайди. Ҳатто чол одамни ҳам бўйдоқ йигит ҳолига солиб қўяди. Елкадаги шайтон тинмай шивирлаб, «унинг қучоғига отил», дейди. Аммо бу ишвалар, бу шивирлар Зоҳидга ҳукм ўтказа олмайди. Чунки ўша ишва билан унинг орасида акасининг руҳи бор. Ишвага учса —акасининг мурдасини босиб ўтган бўлади. Зоҳиднинг сергак онги бунга йўл қўймайди.

Ҳозир пора таклиф этаётган бу жувонга қараб, ғазабини ичига ютди. «Бу аёл чайналиб гапиряпти. Умрида бировдан ўзи учун бир нарса сўрамаган, таъма қилмаган одам шунақа бўлади. «Мен сизга шунча берай, эримни қўйиб юборинг», дейишга андишаси йўл бермаяптими?»
— Сизга бу гапларни биров ўргатдими ё ўзингиз ўйлаб топдингизми?

Зоҳиднинг овозида қаҳр, ғазаб зоҳир эди. Насиба бу йигитнинг тез ўзгаришини кутмагани учун бир сесканиб тушди, тамом ўзини йўқотди.
— Бунақа гаплар учун...

Насиба йиғлаб юбормай, деб пастки лабини тишлади. «Майли, мени ҳам қамай қолинг. Сизлар бегуноҳ одамларни қамаш, майиб қилиш, хўрлаш учун дунёга келгансизлар. Сизлар биз бечораларнинг кўз ёшларини, жигар қонларини тилла тоғларга айлантирасизлар. Ҳаром нон еб қоринни қаппайтирасизлару яна бизларга дўқ урасизлар?!» деган ҳайқириқ кўкрагини эзди, аммо бўғзидан нарига кўтарилмади. Дарди ичида қолаверди. Ҳақиқатни айтиш шунақа қийин. Айниқса нопок одамларга (Насибанинг назарида Зоҳид ҳам нопоклардан эди) бас келиш мушкул. Ундан кўра ўттиз беш минг сўмни топиб бериш осонроқ. Насиба «бу йигитга бекор учрабман. Энди ўртага қўйган одами билан гаплашавераман», деган фикрга келиб жойидан қўзғолди.
— Кеннойи, ким нима деса сўзига учаверманг. Беш қўл баробар эмас. Ўйлаб иш қилинг.

Зоҳиднинг мулойимлашгани жувонни яна ўрнига қайтарди.
— Ахир хат олиб келишди-ку? — деди ажабланиб.
— Қанақа хат?

Насиба чўнтагида ғижимлаб турган хатни чиқариб узатди. Зоҳид шошиб олиб ўқиди.
— Дастхат эрингизникими, аниқми?
— Ўзлариники, хатларини танимайманми?

Зоҳидга воқеа равшанлашди. У турмалардаги аҳволни биларди. Лекин жувонга хатнинг ёзилиши тарихини айтолмасди. Айтса, бу хотиннинг эси оғиб қолиши ҳеч гапмас.
— Сиз... уйингизга боринг. Бу ишни бизга қўйиб беринг. Агар пулни сўраб келишса, икки соатдан кейин келинг, денгу менга хабар беринг.

Зоҳид гапини тугатиши билан эшик очилиб, башанг кийинган йигит кириб келди. Зоҳид прокурорнинг ёрдамчиси билан яқин алоқада бўлган бу терговчини танирди, аммо ҳамсуҳбат бўлмаган эди. Унинг хонага берухсат кириб келиб, яна ўтириб олиши ғашини келтирди. Насибага «бораверинг» дегандай қараб қўйди. Жувон ўрнидан турганида йигит уни тўхтатди.
— Кечирасиз, опа, сиз ким бўласиз?
— Бу киши Намозова, суҳбатга чақирган эдим, — деди Зоҳид совуқ оҳангда.
— Э, анави бечоранинг хотинимисиз? — деди йигит ачинган одамдай. — Эрингизни тушунмовчилик билан қамашибди. Бугун қўйиб юборамиз.

Аёл тушими ё ўнги эканини билмай тамом гангиди.
— Сиз кетаверинг. Ош-пош пишгунча эрингиз уйингизга кириб боради.
— Ростми... вой...
— Э, одамларга яхши гап айтсанг ҳам ишонишмайди-я! Прокурор ёрдамчиси ҳозир буйруқ берди. Эрингиз озод. Тезроқ боринг уйингизга.

Аёл ажабланиб, Зоҳидга бир қараб олдию хонадан шошилиб чиқди.

Зоҳид жувоннинг савол назарига жавоб беришга ожиз, чунки унинг ҳайронлиги ҳам аёлникидан кам эмасди.
— Гапингизга тушунмадим? — деди Зоҳид, аёл чиқиб кетиши билан.
— Винзавод директори прокурор ёрдамчисига келиб ҳаммасини ўзи ташкил қилганини бўйнига олди. Намозов бегуноҳ. Сизга шуни айтгани кирувдим. Овора бўлиб қоғоз титиб юрманг. Омон бўлинг, ошна.
— Директор туҳмат қилган бўлса...
— Бу ёғи билан ишингиз бўлмасин, — йигит шундай деб, чиқиб кетди.

Зоҳид қандай ўйин бўлаётганини билолмай ҳайрон қолди.

3

— Намозов!

Дилгир ўтирган Шариф соқчининг амрли овозини эшитиб ўрнидан қўзғолди. Қамоқхонада эзилиб ўтириш дурустми ё терговчи билан узундан-узун суҳбат қуришми — билмасди. Тилла тишлари суғуриб олинган одам иҳрашларини бас қилган, аммо унинг зорли овози Шарифнинг қулоқларига муҳрланиб қолган эди. Кап-катта эркак одамнинг сўйишга маҳкум этилган буқадай ўкириши, сўнг тул хотиндай пиқиллаб йиғлаши, кейин омонатини топширишга қасд қилган, сўнгги нафаслари билан иҳранаётган бемор каби овоз чиқариши фақат Шарифга аталгандай эди. У бўкирганда ҳам, йиғлаганда, иҳранганида ҳам Шарифга «Кўриб қўй, сенинг бошингга ҳам шу тушади. Сени азоблашдан аввал менда тажриба ўтказишяпти. Сенинг тилла тишларинг йўқ, итдан баттар хор бўласан», дегандай бўлар эди. Шариф учун бир нарса қоронғи — бу одам жон азобида инграяптими ё мол аччиғидами? Ҳар ҳолда тилланинг нархи ҳозир фалон пул...

«Иш куни» қарта ўйнидан иборат бўлган одамлар эса ўз юмушлари билан банд. Ўртадаги бир тутам пул гўё шу қамоқхонадагилар тақдири ёзилган ҳукм қоғози. Ўй суриб ётган, бир-бири билан паст овозда гаплашиб қўяётган, қаттиқ ёстиққа юзини босиб пинҳона йиғлаётган катта-кичик эркакларнинг ҳар бири исталган пайтда пул ўрнига тикилиши мумкин. Бу ердаги маҳбусларнинг ишлари ҳам терговда. Судгача ҳали фурсат бор. Қимор ўйновчилар терговчи ва ҳакамларга нисбатан тез ишлайдилар.

Шариф ўзига аталган ҳукм ва ижронинг қандай бўлишини ўйлаб, эзилиб ўтирганиди, соқчи уни чақирди. Шариф ярим очиқ эшикка яқинлашиб орқасига ўгирилиб қаради: бурчакдагиларнинг у билан ишлари йўқ, муҳим муаммони ҳал этолмай гаранг бўлаётган олимлар каби жим ўтиришибди. Гўё соқчининг овозини эшитишмаган, гўё Шарифни қулоғигача қарзга ботиришмаган. Ҳатто кўнгил учун ҳам бир қайрилиб қараб қўйишмади-я!

Соқчи даҳлиздаги шеригига Шарифни топшириб, ўзи эшикни шарақлатиб ёпди. Шариф темир зиналардан пастга, ундан ҳовлига чиқди. У терговчи билан учрашувга ҳозирланган эди. Соқчи Шарифни иккита стол қўйилган чоғроқ хонага бошлаб кирди. Қалдирғоч мўйловли йигит Шарифга фақирига менсимай қараган подшо каби илкис назар ташлаб қўйди. Подшолар бундай пайтда фақирнинг таъзим бажо айлашини, тиз чўкишини, тиззалаб юриб келиб оёқларини ўпишларини кутганлар. Бу мўйлабли йигит қадим шоҳларнинг фақат назаринигина олган, қолган удумлардан «феодал сарқити» сифатида воз кечган дейиш мумкин эмас. Агар Шариф ҳозир тиз чўкса, фақирга лозим бўлган ишларни бажарса, бу «кўнгли бўш» азамат йигит йўқ демасди. Ҳар ҳолда бу йигитнинг ўзи ҳукмдор бўлмаса-да, қарашлари ва айтар сўзи шоҳона эди.
— Намозов, сиз озодсиз. Айбларингиз исботланмади.

Шариф прокуратура терговчиси билан суҳбатдан кейин «бу бир англашилмовчилик бўлса керак, текшириб чиқариб юборишади», деб умид қилган эди. Қамоқхона эшиги ҳар очилганда ё соқчи тирқишдан мўралаганда «мени чақиришармикин», деб нажот кўзи билан қараган одам «Сиз озодсиз» деган сўзни эшитиб ишонмади. «Сиз фалон жиноятни қилишда айбланасиз» дейиш ҳам, «Сиз озодсиз!» дейиш ҳам шунчалар осонми? Дунёнинг лаззатини фақат илм билан шуғулланишда ва оқибатда нимадир кашф этишда деб билган одамга бу идора, унинг ходимлари, уларнинг муомалалари ғалати туюларди. Одамни бу даражада хўрлаш, бу даражада калака қилиш, бу даражада тепкилаш мумкинлигини тасаввурига сиғдиролмас эди. Бу хўрликларни ўз кўзи билан кўриб, танасида ҳис этган бўлса ҳам, ишонгиси келмасди. Ҳозир қалдирғоч мўйлабли йигитнинг яна бир марта «Сиз озодсиз», дейишини кутди. Аммо йигит онасидан камгап бўлиб туғилганми, ё унга раҳбарлари «фақат бир марта айтасан бу сўзни» деб қаттиқ тайинлашганми, ё бу ширин сўзнинг қиммати фалон сўму бу пулни тўлашга Шарифнинг қурби етмаслигини билгани учунми — ҳар ҳолда такрорламади. Шунда Шарифнинг бағри ёнди. Ношукур банда! Раҳмат, деб чиқиб кетавермайдими?! Ҳозиргина ўлимига рози бўлиб ўтирган одам бирдан ҳақиқатни айтгиси келиб қолди. «Нимага мени бу азобга гирифтор қилдинглар, нима ҳақларинг бор эди, қилғилиқни қилиб қўйиб, узр сўрайдиган тилларинг узилиб тушганми?!» демоқчи эди. Сўз бошлади ҳам:
— Нимага...

Ҳар тугур йигит гапиргани қўймади:
— Нимагалигини уйингизга борганда биласиз. Яхши одамларнинг назари сизга тушибди. Бўлмаса уруғ-аймоғингиз билан қамоқда чирирдингиз. Боринг, гапни чўзманг, — йигит шундай деб бир парча қоғоз узатди.

Шариф қоғозга қўл узатган эди, орқасидаги соқчи чаққонлик қилиб, қоғозни ундан аввалроқ олди-да, елкасига «юр» дегандай туртиб қўйди.

Шариф дарвоза эшигидан ташқарига чиқиб икки-уч қадам юргач, тўхтаб, ўгирилди. Тепаси сим тўсиқли девор баландлигини чамалагандай узоқ тикилди. Шу пайт ёнида сутранг «Жигули» тўхтаб, хаёлини бузди. Ўзини четга олишига улгурмай машина эшиги очилди.
— Ўтиринг, окахон, — деди жингалак сочли йигит, меҳрибонлик билан.
— Раҳмат, ука, овора бўлманг, — деди Шариф. У «йигит бирор танишимнинг ё укаси ёки ўғли бўлса керак, тасодифан кўриб қолди», деб ўйлади. Қамоқдан чиқа солиб танишга учраганидан ҳатто хижолат бўлди. Одамлар айби борми ё йўқми деб мулоҳаза қилиб ўтиришмайди. «Қамоқда ўтириб чиққан», деб, ола қарашади.
— Ўтиринг, — деди Жамшид. Бу сафар унинг овозида меҳрибонлик эмас, қатъийлик, амр оҳанги зоҳир эди. Гарангсиб турган Шариф буни сезмади. Жамшиднинг атайин кутиб тургани ҳам унинг хаёлига келмас эди.
— Мен эски шаҳарга бораман, — деди Шариф.
— Ўтиринг, ўша ёққа кетяпман.

Шариф «унда майли, сизни овора қилмас эканман», деб машинага ўтирди. Таниш йигитлар ҳеч бўлмаса ҳол-аҳвол сўраб қўйишарди. Бу эса миқ этмай кетяпти. Шариф шундан ажабланиб, сўради:
— Ука, сизни танимайроқ турибман?
— Танимайсиз. Бир яхши одамни дуо қилаверинг. Шу одам сизга мурувват қилмаса, қамоқда чириб кетардингиз.

«Яхши одамларнинг назари тушибди...» Шариф қамоқхонадаги қалдирғоч мўйловли йигитнинг гапини эслади. Ким экан у яхши одам, нима учун унга мурувват қиляпти? Шариф яхшилик қилиши мумкин бўлган танишларини бир-бир эслашга уринди. Унинг танишлари орасида бунчалар қўли узун одам йўқ эди. Қилич Сулаймонов-чи? Аввал қамоққа тиқиб, сўнг олиб чиқиб қудратини кўрсатиб қўймоқчи бўлдими? Шу фикр Шарифга тўғридай туюлиб, сўради:
— Яхши одам... Қилич Сулаймоновми?

Йигит жавоб бермади.
— Асадбекми?
— Сергап одам экансиз! — йигит шундай деб жеркиб берди.

«Демак, ўша», деган қарорга келди Шариф. Одам боласининг душмани ўз тили, деганларидек, тили жиловсиз бўлгани учун Шариф кўп панд ерди. Унинг зўр илмларга етган ақли оддий ҳақиқатни тушунишга қосирлик қилиб қолар эди. Камбағал яшаши, илмда олға силжишда қийналиши, унвонлардан бенасиб қолиши ва ниҳоят, қамоққа тушишида суяксиз тилнинг кўп хизматлари борлигини тушунгиси ҳам келмас эди. Хотини зорланиб «тилингизни тийиброқ юринг», деган пайтларида «Мен индамай кетадиган қул эмасман», деб ўжарлик қиларди. Бойвуччаларнинг ўткир ҳидли атирини сепиб, ясаниб олган бу жингалаксоч йигитнинг «сергап экансиз», деб жеркиб беришидан унинг ўжарлиги тутди.

Йўлдан кўз узмай келаётган Жамшид орқасига ўгирилиб, унга ажабланиб қараб олди.
— Қанақа ўттиз минг?
— Вақти келганда билиб оласиз, — деди Шариф унинг бояги гапига тақлид қилиб.
— Билиб оламиз, хотиржам бўлаверинг, — деди Жамшид унинг пичингига эътибор бермай.

Жамшид машинани Шарифнинг эшиги олдида тўхтатди.
— Ортиқча валақламай, бошингизга ғалва орттирмасдан уйингизда жим ўтиринг. Эртага ишга чиқасиз. Яхшилаб билиб олинг, окахон: сизни паноҳига олган одам керак бўлса ўттиз мингдан ўттиз мингтасини бошингиздан сочади. Агар уни хафа қилсангиз, уруғ-аймоғингиз билан, ўттиз бир минг томирингизни қуритиб ташлайди.

Шариф эшикни очиб, бир оёғини ерга қўйган дамда бу гапни эшитиб тўхтади. Таранг тортилиб турган асаб томирлари баттар қақшади.
— Мени қўрқитманг, — деди овозини кўтариб.

Жамшид, уни ҳайрон қолдириб, жавоб бермади. Шариф баттар тутақиб, тили калимага келмай қолди. «Ҳе оналарингни...» деб сўкиниб машинадан тушди-да, эшикни қарсиллатиб ёпди.

Шариф деярли сўкинмас эди. Сўкинган тақдирда ҳеч бўлмаса жағи ёрилиши мумкинлигини ҳам билмасди. Бахтига у энди Асадбекнинг одамига айланди. Ҳозир «онангни...» дейиши нима экан, бунинг ёнига амма-холаларини, опа-сингилларини қўшиб сўкканида ҳам Жамшид лом-мим деёлмасди. Жамшид Асадбекни кўпга ҳотамтойлик қилишини билади. Унинг назарида хўжайини Шарифни шунчаки паноҳига олди. Хўжайиннинг эътиборидаги одамга ола қараш мумкин эмаслиги унга ойдай равшан. Унга яна бир нарса аниқ — буйруқни адо этиш чоғида бегоналар билан гаплашмаслиги, айниқса, пири Асадбек ҳақида бирон сўз айтмаслиги шарт. Ҳозир Шарифга пўписа қилиб шу шартни бузди. Шарифнинг гапидан аччиқланиб, «хўжайин ўттиз минг сўрайдиган гадой эмаслиги»ни билдириб қўйиш учун чегарадан чиққанини ўзи ҳам сезмай қолди. Чегарадан ҳатлашга ҳатлади-ю, сўнг афсусланиб, мум тишлади. Шарифнинг ҳақоратига парво қилмай ўтиришининг иккинчи сабаби шу.

Шариф эшикни ёпиши билан «Жигули» пойгачи машиналардай силтаниб қўзғолди. Йўлни авайлабгина қоплаётган қор тўзғиб кетди.

Шариф эшиги олдида туриб қолди. Оппоқ ғиштдан қурилиб савлат тўкиб турган иморатлар қаторидаги сомон сувоқли пастак уйи кўзига етим боладай мунғайиб кўринди. Назарида эгаси қамоққа олиб кетилганидан сўнг уйи шармандалик юкини кўтаролмай чўкиброқ қолгандай туюлди.

Туҳматдан қамалиб, сўнг озодликка чиққан одам қувончини ичига сиғдиролмай, бахтидан ёниб, ҳазор-ҳазор шукрлар қилиб уйига учиб кириши керак. Шарифда эса бундай бахт, бундай қувонч йўқ эди. У давлат қамоғидан қутулгани билан, кўринмас тўрга чирмаб ташланганини, бу тўр уни оқибатда батамом ҳалок этишини сезиб турарди. Мана шу сезги уни озодлик бахтига бегона қилиб қўйганди. У елкасидаги дард юки билан остона ҳатлаб ҳовлига кирди. Йўлакда биттагина из — қор учқунлари ҳали бу изни кўмиб улгурмаган — демак, Насибаси яқинда кўчадан қайтган.

Ҳовли этагида «ошхона» номи билан зикр этилувчи бостирманинг эшиги зорланиб очилиб, Насиба чиқиб келди. У эри томон бир-икки қадам қўйди. Сўнг нима қиларини билмай тош каби қотди. Кейин беихтиёр равишда югуриб келиб, Шарифни қучоқлаб олди.

Оқ ғиштли данғиллама уйларни, дуру гавҳарларни орзу қилмай яшаётгани, қозонлари бозор гўшти қандай бўлишини билмай, музлаган гўштга ҳам қаноат қилувчи, ҳалол яшамоқлик заҳматини барча лаззатлардан афзал кўрувчи, борига шукр қилиб умр кечираётган бу икки банданинг тили гапга келмас эди. Улар «гуноҳимиз нима экан?» деган жумбоққа ечим излашар эди. Яратганнинг олдида уларнинг гуноҳлари йўқдир, деёлмаймиз, беайб — парвардигор. Бизнинг фикри ожизимизча, бошларига кулфат солган «гуноҳ»ларнинг энг улуғи — «ўйнашмагин арбоб билан...» деган ҳикматни унутганларида. Замонлар ўзгаради, тузумлар ўзгаради, подшолар келиб кетаберади, булар — дунёнинг устидаги либослар. Эски кўйлак устига янгиси кийилгани, вужуд, қалб, инсоф, виждон эса ўзгармай қолабергани каби, фоний дунё аслини ўзгартирмайди. Халқ яратган ҳикматлар ҳам аслича яшайверади. Авваламбор Шариф, қолаверса Насибанинг кўп нарсаларга етгувчи ақли, фаҳми-фаросати шу нуқтага етганда андак ожизлик қилгани учун ҳам бу кичик кулфат тузини тотиб кўришди.

Насиба эрининг кириб келиши туши эмас, ўнги эканига ишонч ҳосил қилгач, уни бағридан бўшатиб, уйга бошлади. «Болаларни олиб келмадингми?» деди Шариф остона ҳатлаб ичкари киргач.

Насиба лабини тишлаб, бош чайқади. Шу кунлар ичи ҳувиллаётган уйда ёлғиз ўтириш унга осон кечмади. Аммо ёлғизлик азобидан «дадам қанилар?» деган саволга жавоб қайтариш минг чандон оғирроқ эди. Бу савол уни илон каби чақиши, назарида ҳатто жонини ҳам суғуриб олиши мумкин эди. Ўзи айтмаган тақдирда ҳам, болалари кўчадан эшитишарди. Дадаларининг қамоқда ўтиргани мурғак қалбларни эзиб ташламасмиди? Насиба шунинг учун болаларини онасиникидан олиб келмаган эди. Шариф буни тушунди. «Янги йил кечаси ҳам ёлғиз ўтирибди-да, бечора», деди ўзича.

Нонушта маҳали ҳам бўлиб ўтган нохушликдан сўз очмадилар. Иккови бир-бирига қараб-қараб қўйиб, номигагина нон тишлаб, чой ҳўплаб ўтирдилар. Эр-хотиннинг иштаҳаси йўқ эди. Улар илк марта ёлғиз қолиб бир-бирига айтишга сўз тополмай ийманиб ўтирган келин-куёвга ўхшашарди.

Шариф Насибадан саволлар кутарди. Насиба «ерим ўзи гапирар», деган илинжда эди. Ножўя савол билан эрининг дилига озор етказишдан чўчирди.

Барча кўргуликларига «фош қиламан» деб дўқ ургани сабаб бўлганини тушуниб етган Шарифнинг хотинига бу ҳақда гапириш нияти йўқ эди. Шу биргина пўписа учун қамоққа тиқиб қўя оладиган зотлар фош қилишга киришилган тақдирда қаерга олиб бориб тиқиб қўйиши мумкинлигини хотини билса, даҳшатдан юраги ёрилиб кетиши ҳеч гапмас.

Шариф жонини сақлаб қолишнинг бирдан-бир йўли тилнинг бевошлигига барҳам бериши лозимлигини англади. Уни қийнаётган нарса — билагидаги игна излари, қамоқда хуруж қилган тан азоби. Ҳадемай яна бош кўтарувчи бу азобга энди дош бера оладими? Ё гиёҳвандга айланиб қоладими? Мана шу фикрнинг ўзиёқ уни даҳшат тўрида ушлаб турарди.

VII боб

1

Жалил уйига қайтди-ю, аммо тинчини йўқотди. Асадбек бошига бир оғир иш тушганига амин бўлиб, ташвишланди. Ҳали «фалончини отиб кетибди», ҳали «фалончини ёқиб кетишибди», деган ваҳимали миш-мишлар бош кўтараётган таҳликали кунларда Асадбекдай одамнинг ҳам жони қил устида эканини Жалил яхши тушунарди. Аввало ғаним қасд қилмасин. Қасд қилса биров унинг жонини сақлаб қололмайди. Атрофини ўнта ишончли йигит ўраб турса ҳам битта ўқ сиғадиган туйнукча топилиб қолар. Шундай экан, бу ўйинга кирганларнинг умри хотимаси аниқ. Асадбек шуни сездими? Юраги сезгани учун биродари билан видолашиб олмоқчи бўлдими? Асадбекнинг бевақт чорлови Жалилни бу фикр исканжасига топширди.

Жалилнинг назарида телевизордаги бежирим лаблари кулиб турган қиз-жувонлар, тиржайиб туриб ашула айтаётган хонандалардан ташқари бутун эл ташвишга бурканган эди. Ҳамиша мириқиб кўрадиган томошалари бу кеч унга ёқмади. «Янги йил кутиш» деган гап ҳам бирданига эриш туюлди. Куёви билан пиёлани чўқиштириб қўйдию ароқни ичмади. Доимо завқ берувчи фарзандлар давраси ҳам татимади. Юраги тарс ёрилгудай бўлиб ўрнидан туриб кетди. «Тобим қочди», деб хонасига кириб чўзилди. «Тинчликми, адаси, ўртоғингиз тинчмилар ишқилиб», деб кирган хотинига бобиллаб берди.

Соат ўн иккида фарзандлари бир-бир кириб янги йил билан табриклаб чиқишди. Қўшни хонада тонгга қадар телевизор сайради. Жалил тонгни ит азобида кутди. Чала-ярим нонушта қилиб, ота маҳалласига жўнади. Асадбекнинг болалиги ўтган ҳовли эшиги ичкаридан танбаланган, демак, чиқиб кетибди. Жалил уйига кириб укасини йўқлади-ю, Асадбекникига қараб йўл олди.

Ўртоғи уйига келмабди. Манзура одатига хиёнат қилмаган равишда ердан кўзини узмай сўрашди.
— Тинчликми, ўзи келин?
— Тинчлик, — деди у паст овозда. Бу оилага самимий муносабатда бўлувчи энг яқин одамнинг Жалил эканини, ҳатто унга ҳам оила сирларини ишониб айтиш мумкинмаслигини Манзура билади. Кўз ёши тўкиб ҳасрат дафтарини очгиси келади. Аммо... эри айтмаган сирни у айтолмайди...
— Агар тинчлик шунақа бўлса, ғалваси қанақа бўларкан, — деди у изига қайтаётиб. — Галварс эрингизга минг марта айтдим, шу ишларни йиғиштир, деб.
— Ўртоғингизни биласиз-ку...

«Ҳа, биламан, — деб ўйлади Жалил, — Худо унга бойлик бергану тариқча ақл бермаган. Миллион сўми йўқлар қирилиб кетяптими, шунча бойлик камми унга, гўрига ортмоқлаб борадими? Лаҳадда бошига биттагина гувала қўйилади, пул қўйилмайди, шунга фаросати етмайдими?..»

Шу гаплар хаёлига келди-ю, аммо аёлга қараб вайсашдан ўзини тийди. Шу топда эшикдан Асадбек кириб келса, шу заҳар гапларни айта олармиди? Айтиш ҳам гапми?! Хўш, шаҳарни ётқизиб-турғизиш қўлидан келадиган Асадбек-чи? Эски юз сўмликни узоқдан кўриб қолган, янгиси чиққанини кўриш у ёқда турсин, ҳали эшитмаган оддий ишчининг ҳақорат чегарасини ҳам босиб ўтиб кетувчи сўзларига нима дейди? Жалил гапира-гапира жўшиб кетса, шартта биқинини чимчилайди ё сонга шапатилаб уриб қолади — шунда Асадбек нима қилади? Кайфияти яхши бўлса — кулиб қўя қолади. Ҳатто ўртоғининг бу қилиғидан яйрайди. Болалик дамлари эсига тушиб ширин энтикади. Болалигида бир рўшнолик кўрмаган бўлса ҳам вужудига роҳат ўрмалайди... Жалил заҳарга булаб отаётган сўз ўқларига кайфияти нобоп пайтида дуч келса ҳам ғазабланмайди. Ўзини босади. «Ҳа, қилиғи совуқ» деб тўнғиллаб қўяди... Шундай экан, Жалил ичини ёндираётган гапларини Манзурага айтадими ё соқчи йигитларгами, ё Асадбекнинг ўзигами — фарқи йўқ, сўзлар самога сочилган ўқлардек самара бермайди.

Жалил Манзурага қаради-ю «хайр» деб ташқарига чиқди. Энди қаёққа боришини билмай гарангсиди. Катта кўчага қадар каловланиб борди. Сўнг пишиллаб тўхтаган автобусга чиқиб уйига кетди.

2

Асадбек ошнасиникига деярли келмас эди. Тўй-маъракаларда бирров келиб кетарди. Жалилнинг болалари, айниқса куёви, Асадбекнинг номини эшитишган, аммо ўзини яхши танишмас эди. Шунинг учун эшик қўнғироғи тугмасини босиб йўқлаган башанг кийимли кишини кўриб, ажабланишди. То Қамара — Жалилнинг кўз очиб кўрган хотини чиққунча Асадбек остонада турди. Қамара уни кўриб ҳайратланди.
— Жалил уйдами? — сўради Асадбек.
— Йўғидилар... Эрталаб чиқиб кетувдилар... Бугун биринчи... Сизникига кетдиларми, дебман.

Асадбек иккиланиб ўтирмай кирди. Меҳмонхона йиғиштирилмаган эди. Қамара Асадбекнинг кириши мумкинлигини тасаввур ҳам қилмагани учун шошиб, довдираб қолди.
— Кеннойи, сиз безовта бўлманг. Мен ҳозир кетаман, — деди Асадбек уриниб қолган диванга ўтириб. У кира солиб диваннинг оёғи ўрнига газетага ўралган ғишт қўйилганини кўрган эди, шу сабабли эҳтиёт бўлиб чўкди.
— Вой, овораси борми, сиз ҳар куни келиб юрибсизми? Кеча неварачам бир ёшга тўлди. Шунинг учун ҳамма йиғилган эди.

Кеча... ўттиз биринчи декабр... Асадбек Қамарага ялт этиб қаради. Аёлнинг гапи унга укаси Самандарни эслатди. Самандари ҳам ўттиз биринчида туғилган эди. Бир ёшга тўлганида бундай тантана йўқ эди. Танчада ўтириб, қора нонни илиқ сувга ботириб қоринни тўқлаш — улар учун катта байрам бўлган ўшанда. Жалилнинг уйига ёзилган дастурхон ҳам Асадбек қаричи билан ўлчанса — харобгина тантана. Лекин ҳар кимнинг қаричи ҳар хил. Дастурхон устига бир тишлам қотган нон қўйилса ҳам, атрофига фарзандлар йиғилса тўкин дастурхондан файзлироқ бўлиб кетади.
— Неварангизнинг оти нима! — деб сўради Асадбек.
— Ўртоғингиз китоб қараб Самандар деб қўйганлар. Ўт-оловни ҳам писанд қилмайдиган ғалати қуш бўларканми-э... Қудалари «Улуғбек» деб қўймоқчи эканлар. «Ҳей, дадаси, болага исмни қиз томон қўймайди», десам ҳам «Ҳаммаёқни бек босиб кетди, битта Самандар бўлиши керакми ё йўқми!» деб қайсарлик қилиб туриб олдилар. Барака топгур, қудамиз жуда яхши одам-да. Хўп, деб кўниб қўя қолдилар...

Қамаранинг оёқ-қўли ҳам, тили ҳам чаққонгина эди. Чўлоқ диванда ким ястаниб ўтирганини унутиб гапга тушиб кетди. Унинг сўзлари Асадбекнинг қулоғига кирмади. «Самандар» деган исмни эшитибоқ кўз олди хиралашди. Томоғига бир нима тиқилди. Ярим соат бурун пулининг кўплигидан эсини йўқотган винзавод бошлиғининг тақдирини бир сўз билан ҳал этган Асадбек ўзини бениҳоя ожиз банда эканини ҳис этди. «Ҳатто шу ғалча хотиннинг бахти ҳам йўға менда, — деб ўйлади. — Невара кўрсам, исмини Самандар қўяман, деб юрувдим. Жалил илиб кетибди. Китоб кўриб қўйганмиш... Жалил ўзини ҳақгўй дейди. Мен уни ношуд дейман. Бахт ношудларга кулиб боқаркан-да? Шу ношуд қизини куёвга узатиб, невара кўриб, хурсандчилик қилиб ўтирса... Мен шундай ҳам бўлолмасам... На акам, на укам бор. Фақат... пулим бор. Бу ношуднинг пули йўқ. Аммо укалари, куёви, Самандари бор... Мен ҳашамдор уйда яшайман, уйимни дев йигитлар пойлашади. Бу ношуд оёғи синиқ диванда ёнбошлаб ётиб, ўламан деб турган телевизорни томоша қилади. Эшиги ҳамиша очиқ... Кўнгли ҳам очиқ... Янги диванни, рангли телевизорни орзу ҳам қилмайди... Нега орзу қилмайди?! Одам ҳам шунчалик ношуд бўладими! Ўзига керак бўлмаса, болаларига лозим-ку! Болаларининг кўнгли синмайдими! Невараси шу чўлоқ диванда ётиб, шу хира телевизорни кўриб улғайиши керакми? Аблаҳ, ношуд!» Юраги эзилиб ўтирган Асадбекни бирдан ғазаб чулғади. Шарт ўрнидан турди.
— Ҳозир келаман, — деди Асадбек, — чойингиз қайнагунча қайтаман.

Қамара бу гап шунчаки кўнгил учун айтилди, деб ўйлаган эди. Меҳмонхонани йиғиштиришга улгурмай, Асадбек қайтгач, баттар шошилиб қолди. Қамара меҳмоннинг улуғлигини ҳисобга олиб, оҳори тўкилмаган янги дастурхон ёзди. Куёв чиқиб Асадбек билан қўш-қўллаб сўрашди-да, чой қуйиб узатди. Ҳашамдор уйларда, тўкин дастурхонлар атрофида ўтиришга кўниккан Асадбекка қоғозлари сарғайиб, айрим ерлари кўчиб тушган уйда чой ичиш бошқа пайт бўлганда малол келарди. Унинг ҳозирги кайфияти айнан шундай шароитни қўмсарди. Ғариб кўнгил, ғариб уйни соғинган эди.

Бир соатдан кейин Жалилнинг уйи бесаранжом бўлиб қолди. Беш-олти одам баравар бостириб кириб аввал чўлоқ диванни, сўнг стол-стулларни, сўнг хира телевизорни олиб чиқиб кетишди. Ўрнига янги диван, янги стол-стуллар, рангли телевизор қўйилди. Қамара «Вой, ўлмасам, вой, қизиқ бўлди-ку», дейишдан бошқа сўз топмади. Асадбек бу ўзгаришларга алоқаси йўқдек, пинагини бузмай турарди.

Жалил уйига қайтганда ҳамма иш саранжом бўлган эди. У Асадбекка заҳрини сочишга улгурмади. Қўрққан олдин мушт кўтарар, деганларидек, Асадбек остонада ўқрайиб туриб қолган ошнасига қараб бақирди:
— Ғинг десанг, абжағингни чиқариб ташлайман, бу сенга эмас, Самандарга, туғилган кунига совға!

Жалил Асадбекка бир нима дея олмади, аммо хотинига қараб ўқрайди. Қамара ўзига қандай ширин гаплар атаб қўйилганини фаҳмлаб, лабини тишлади.
— Сенга нима бўлди? — деди Жалил, Асадбекка тикилиб, — пайтавангга қурт тушганини билиб турибман.
— Менинг пайтавамга эмас, сенинг миянгга қурт тушган, — Асадбек шундай деб Қамарага қараб қўйди. У эркаклар гаплашаётганда аёл кишининг атрофда ивирсиб юришини ёқтирмас эди. Қамара Асадбекнинг мақсадини англаб, тезгина чиқиб кетди. Асадбек шундан сўнг гапини давом эттирди. — Невара кўрибсан, исмини Самандар қўйибсан, орадан бир йил ўтибди... Асад деган ўртоғим бор эди, хурсандчилигимга шерик қилай, укасининг оти ҳам Самандар эди, неварамга от қўйишда бир сўраб олай, дейишга ақлинг калталик қилдими? Тилинг бир қарич. Бировга сўз бермайсан-у, шунақа нарсаларга келганда калланг ишламай қолади, хом ошқовоқ!

Жалил унга қараб жилмайди. Ҳозир унинг қаршисида фақат Худогагина бас келолмайдиган Асадбек эмас, кўп жабру жафоларни бирга тортган, бир кўчани чангитиб, бир ямоқ кўрпани тепишиб катта бўлган ошнаси ўтирарди. Асадбекнинг овозида амр оҳанги ҳам, қаҳр ҳам йўқ эди. Асадбекнинг бу одати Жалилга маълум. У дунё ташвишларидан эзилиб, болалигини қўмсаган пайтларида Жалилни топтириб келиб шу оҳангда гап бошлайди. Икки ошна соатлаб гаплашиб ўтиришади. Суҳбат аъёнларнинг иштирокисиз бўлади. Зарур иш билан келган Кесакполвон ҳам, Чувринди ҳам уларнинг суҳбатини бузишга журъат қила олишмайди. Бунақа пайтларда аъёнлар матбуот хабарларига тақлид қилиб «икки президент юзма-юз учрашди. Халқаро аҳволнинг муҳим масалалари келишиб олинди», деб ҳазиллашишади. Ёпиқ эшик ортидаги «халқаро аҳволнинг муҳим масаласи» — ёнғоқ ўйинида чиққан жанжалнинг «тинч йўл билан ҳал этилгани»дан бошланиб, битта калишни галма-гал кийиб мактабга қатнаш чоғида юз берган саргузаштларни эслаш билан якунланади.

Жалил Асадбекнинг бугун бу хусусда гаплашиш нияти йўқлигини билди. Агар Ҳасаннинг ўнг биқини оғриса, Ҳусанники ҳам оғрийди, деганларидек, Асадбекнинг юрагини тирнаётган дарддан Жалил бебаҳра қолиши мумкин эмас. Асадбек дардини ичига ютмоқчи. У отаси олиб кетилган кундан бери исён йўлига кирган, аммо очиқ-ойдин ҳайқириш, шиорлар кўтариб майдонга чиқиш йўлидан бормай, арқонни узун ташлаб, дардни ҳам, ғазабни ҳам ичига ютиб аста иш кўришни ўрганган эди. Жалилнинг йўли бўлак — ўйчи ўйига етгунча таваккалчи уйига етади, қабилида ишни дангал битиришга одатланган. Ҳозир ҳам ошнасининг гапни майдалашига тоқат қилолмади.
— Ёрилсанг-чи! — деди у жеркиб. — Мендан бошқа дардкашинг борми?

Асадбек Жалилга тикилди. Худди рўпарасидаги одамни биринчи марта кўраётгандек тикилди. Гапириш осон. «Ёрилиш» — хотинларга хос. Эркак дардини айтгунча тўлғоқ азобларини бошидан кечиради. Айниқса Асадбекни эзаётган дард бировга айтгулик эмас. «Қизимни ўғирлаб кетиб, кейин ташлаб кетишибди», дейишга тил айланадими? Эркаклик номуси, ори бунга йўл қўядими? Кеча Жалилни атайин йўқлатди-ю, дардини айтолмади. Бугун эрталаб винзавод бошқони тақдирини ҳал этиб уйга кетаман, деганда ташқарида савдо растаси хўжайинига йўлиқди. Хўжайин савдо аҳлига хос тавозелик билан сўрашиб, икки қўлини кўксига қўйиб: «Бағрингиз тўлиб, хурсанд бўлиб қолдингизми?» деди. Асадбек «Ҳа» ҳам, «Йўқ» ҳам демади. Унга бир ўқрайди-ю, машина эшигини очди. Бу одам қизининг қайтганини эшитиб, табриклагани келган. Ўзича бу одамгарчиликка кирувчи фазилат, одат. Асадбек унинг лаганбардорлигидан бир ғаши келган бўлса, бефаҳмлигидан бир ғазабланди. Қизини кимлардир ўғирлаб кетиб, қандайдир аҳволда ташлаб кетишадию у хурсанд бўладими? Қизига тегишмаган бўлишса-ку, хўп-хўп... Йўқса... тирик қайтаришмагани минг марта афзал эмасмиди... Асадбек машинага ўтиргач, хаёлида бошқа гап ўрмалади — бу одам ис олибдими, демак, кўпчилик билади. Бугун кечгача шаҳарга тарқаса ҳам ажаб эмас. Нима қилиш керак? Аъёнлари билан иш юзасидан маслаҳатлашади. Уларни шу пайтгача оила сирлари, ташвишларига тортмаган. Асадбек учун оила — муқаддас. Ҳар кимнинг ҳам тумшуқ суқаверишини хуш кўрмайди. Чувринди уйланган йили «оилавий бўлиб ўтириб турайлик», деганда, Асадбек «хотинингни бозорга солмоқчимисан», деб гапни калта қилган, шу-шу оилавий борди-келди масаласи қайта тилга олинмаган эди. Уларнинг хотинлари фақат йўқлов, тўй ва маърака баҳонасида кўришишар, «есонмисиз-омонмисиз»дан нарига ўтишмас эди. Шундай экан, қизининг эндиги тақдирини аъёнлар билан маслаҳатлашиши мумкинми?

Асадбек Жалилдан жўяли маслаҳат чиқар, деган илинжда эмас, балки таскин илинжида келган эди.
— Миш-мишларни эшитгандирсан? — деди Асадбек, ошнасидан кўз узмай.
— Мен миш-миш орқалаб юрадиган хотинмасман,— деди Жалил. — Сен бўладиган гапни гапир.

«Ростдан эшитмаганми?»

Асадбек саволига жавоб топмоқ истагида Жалилнинг кўзларига қаради. Бу кўзларда алдов йўқ эди.

Жалил ошнасининг тўлғоқ азобида эканини ҳис қилди. Бу дардни ҳатто энг яқин одамга ҳам айтиш оғир экан, демак, иш чатоқ. Жалил бир оз юмшоқроқ гапириб, унинг кўнглини овлаш ниятида деди:
— Каттага катта дард ёпишади, гапир, ўзингни қийнама.
— Катта дард дейсанми?.. Билмадим... Шу пайтгача менга биров қўл кўтармаган эди.
— Дунёни бекорга чархпалак дейишмаган. Замон ўзгариб туради, шунга ақлинг етмабмиди?
— Етган эди, лекин...
— Етган бўлса, вақтида этакни ёп. Вақтида кетсанг — олам гулистон.

Айтишга осон. Замон саҳнасидан тушишнинг ўзи бўладими? Пастдагилар сени алқаб, бошига кўтариб юришга тайёр бўлса, саҳнадан дадил туша оларкансанми? Тушишингни қўлда найзалар билан пойлаб турганлар-чи? Шу найзалар борлигини билмаганда Асадбек Жалилнинг маслаҳатига муҳтож бўлармиди? Асадбек гапни чўзишнинг ҳожати йўқлигини англаб:
— Қизимни ўғирлашди, — деди. Шу гапни айтдию уятдан ёниб кетай деб кўзини олиб қочди. Айбига иқрор бўлган гуноҳкордай бошини эгди.
— Қачон? Топилмадими?
— Кеча ўзлари ташлаб кетишибди.
— Кимлигини билдингми?
— Аниқ билмайман. Гумоним бор.

Жалил ўйга толди. Бир неча нафасдан сўнг хўрсинди:
— Худодан қайтибди.

Асадбек бошини шартта кўтарди:
— Бу нима деганинг?!
— Сен маишат қилган қизларнинг ҳам ота-оналари бор эди, улар ҳам эзилгандир, Худога нолалар қилгандир. Худо кар эмас, бу оҳларни эшитгандир?
— Оғзингга қараб гапир! Менинг маишат қилганимни кўрдингми?! — Бу сафар Асадбекнинг овози титраб чиқди. Жалил унинг кўзларига қараб қўрқди: бу кўзларда ғазаб учқунланаётган эди.
— Кўриб нима, мен сенинг маҳрамингманми, изингдан юрадиган. Эшитганман, ҳамма гапиради.
— Ҳамма гапирса ишонаверасанми, ҳе... с-сўтак! — Асадбек беихтиёр сўкинди. Бошқа вазият бўлганда Жалил қарзга ботмай, дарров қайтарарди. Ошнасининг важоҳатини кўриб, ўзини тийди.
— Бўпти, ўзингни бос, — деди у. — Қизинг тирик экан, Худога шукр қил.
— Жалил, — деди Асадбек қаҳрли овозда, — билиб қўй, мен номард эмасман. Мен итнинг боласи эмасман, одам боласиман. Бировларнинг бурнини қонатиб лаззат топаман, деб юрганим йўқ бу дунёда. Аламим борлигини биласан-ку. Бу аҳмоқ гапни бошқадан эшитсам, хафа бўлмас эдим. Сен ҳам шундай дединг-а!
— Сен қилмаган бўлсанг, бу ишни шотирларинг қилишади. Лаънат эса сенга оқиб келаверади. Сен одамлар кўзига бўри бўлиб кўринасан. Есанг ҳам, емасанг ҳам барибир оғзинг қон. Сен мен билан гап талашма. Бўладиган гапдан гапир. Тумшайиб юравермассан, ахир. Нима қилмоқчисан?
— Ҳайронман...
— Гап қайнаб чиқмасидан узатвор қизингни.

Асадбек кечадан бери хаёлнинг қайси кўчасига кирмасин, шу тўхтамга келаётган эди. Жалилдан ҳам шу фикр чиқишини кутган эди. Кутилган фикр айтилди, аммо енгил тортмади. Чунки фикр айтмоқ осон. Тўй қилиш ҳам осон. Бироқ, қизининг юзи ёруғ бўладими — машаққат шунда. Куёв бўлмиш Асадбекнинг қаҳридан қўрқиб ҳозир индамаслиги мумкин. Кейинчи? Замон саҳнасидан тушиб кетгач, қизи хўрланмайдими? Кўчага ҳайдалмайдими? Шармандалик либосига ўралмайдими? Асадбекнинг хавотири шунда. Сиз «Хўш, ўзининг ор-номуси-чи?» дейишингиз мумкин. Бир доно шоир «ота-она меҳрисиз ҳам яшамоқ мумкин, аммо мумкин эмас номуссиз яшаш», деганда минг карра ҳақ. Асадбек ота-она меҳрига тўймай ўсди. Қизининг ўғирланиши — унинг номусига тегишмаган тақдирда ҳам — ота-она номусининг топталиши билан баробар. Шундай экан, Асадбек бунга қандай чидасин?! Чап елкада ўтирган шайтон қасосга ундайди: «Қўлингни узатсанг еттинчи осмонга ҳам етадиган инсонсан. Биров сенинг косангга туфлабди, оши ҳалолингни булғабди-ю, сен эзилиб юрибсанми, кимдан гумонинг бўлса — янчиб ташла! Бугун қасос олмасанг, эртага эл олдида башарангга тупуришади. Отангни олиб кетишганда ночор эдинг. Ана шу ночорлик сени бир умрлик армон ўтида куйдиряпти. Энди ҳам ночормисан? Қон тўкмасанг эркак эмассан! Ўзингни кўрсат! Номус учун қон тўкиш лозимлигини эркакларга эслатиб қўй!!» Аммо қилич яланғочланган дамда ўнг елкада ўтирган Раҳмон била-гидан ушлаб тўхтатади. Қон тўкишга йўл бермайди. «Гумонинг тўрига ўралганларни тиғдан ўтказишинг — ожизлигинг аломати. Гуноҳкор осонгина жон бериб қутулиб кетади. Сен эса номус азобида тўлғаниб қолаверасан. Сен ҳозир унинг гуноҳларидан ўт. Аммо шундай қилгинки, умри азобда ўтсин. Вақти келиб оёғингга бош урсин, тавбалар қилсин. Ана шунда ўлдирсанг хумордан чиқасан. Ўлсанг, кўзинг очиқ кетмайди...»

Шу овоз Асадбекни ушлаб турибди. Номус азобига чидашга мажбур этяпти. Жалилнинг уйига бошлаб келган ҳам шу овоз. Агар ошнаси «уларни қириб ташла» деса бас, янги йилнинг биринчи куни қонлар тўкиш билан бошланади. Асадбек Жалилнинг бундай демаслигини билади. Билгани учун ҳам уни қора тортиб келди.

3

Дунёда энг ширин нарса нима, деб сўралганда «уйқу» деб жавоб беришган экан. Бу гап ҳам тўғри. Бироқ болалик хотираларини эслаш лаззати уйқудан ҳам мазалироқдир. Чунки ёш ўтган сайин, болаликдан узоқлашганингиз сайин ўтган кунларни эслайверасиз, энтикаверасиз. Айниқса жон-жўралар учрашганда уйқуни ҳам тарк этиб, узун кечалар хотиралар ихтиёрига берилишади. Асадбек билан Жалилнинг бундай кечалари кўп бўлган.

Жалил ошнаси кўнглидаги ғуборни ана шу хотиралар ёрдамида қувмоқчи бўлди. Лекин энг ёрқин воқеалар ҳам Асадбек кўнглига равшанлик бермади. У тунд қиёфада ўрнидан туриб, Жалил билан хайрлашди. Жалил уни кузатиб кўчага чиқди. Асадбек машина сари юрганида орқадан Жалилнинг овози келди:
— Кўчада Асадбекка ўхшаб юр, шунчалик чўкасанми?

Бу гапни эшитиб Асадбек қадди букилиб қолганини сезди. Жалил ҳеч қачон унинг қудратини пеш қилиб гапирмаган эди. Ҳозирги айтгани... «Асадбекка ўхшаб юр...» Мана шу гап унга далда бергандай бўлди. Қаддини тиклади. Чуқур нафас олди. Машина эшигини очгач, орқасига ўгирилди.
— Қорангни кўрсатиб тур. Одамларнинг ошнасига ўхшаб йўқлашни қачон ўрганасан?

Жалилнинг санчиб оладиган жавоби тайёр эди-ку, аммо биродарининг аҳвол-руҳиясини ўйлаб тилини тийди. Жилмайиб, бош ирғаб қўя қолди.

Асадбек ҳовлига қадам босгач, ошхонадан чиқаётган қизига кўзи тушди-ю, беихтиёр тўхтади. Қизи ҳам уни кўриб бир он ҳаракатсиз қолди. Сўнг паст овозда салом бериб, шошганича изига қайтди. Ота билан қизнинг нигоҳлари бир сониягина учрашди. Гўё тўсатдан яшин чақнаб қоронғилик бағрида ўртанаётган икки хаста дилни ёритиб ўтгандай бўлди. Яшин нури сўниши билан уларнинг ҳар бири ўз жаҳаннамига, яна ўтда қовурилиш, азобланиш учун қайтдилар.

Қиз нима учун отаси олдига югуриб келмади, нима учун бўйнига осилиб кўз ёш тўкмади, нима учун нолалар қилмади? Нима учун дардини ютиб жаҳаннам азобини ўзига раво кўрди? Асадбек қўрқиб кутган ҳодиса рўй бермади. Ҳа, у қизи билан учрашишдан қўрқаётган эди. Қизи фарёд урган тақдирда ичини кемираётган вулқоннинг отилиши тайин эканини билиб, ташвишланаётган эди.

Асадбек қизини сира эркаламасди. Кесакполвон — ғазабга минганида отасини ҳам танимайдиган қаҳри қаттиқ одам, ойда бир марта хотинини уриб турмаса егани ичига тушмайдиган жиззаки эркак — бўйи етган қизини ҳаддан зиёд эркалаб, юзларидан чимдиб, ўпиб қўйганида Асадбекнинг ғаши келарди. Баъзан танбеҳ бериб, баъзан «қизингни эрга берганингда ўзингни ҳам қўшиб берасанми», деб пичинг қиларди. Кесакполвон Асадбекнинг бундай гапларини, пичингларини қулоғига олмасди. «Бу қизимни ўзим туққанман», деб тиржаярди, холос. Ким, қандай туғишини яхши фаҳмлайдиган қизи отасининг бу ҳазилидан яйраб, баттар эркаланарди. Ҳар тўкисда бир айб, деганларидек, бегуноҳ одамнинг жонини суғуриб олишда киприги қилт этмайдиган одамнинг фарзандига нисбатан шундай меҳри борлиги оламнинг ажабтовурлигидан эди.

Асадбек баъзан «мен ҳам болаларимни эркалашим керакми?» деб ўйлаб қоларди. Ота-онага эркаланиш нима эканини билмай ўсган одам учун бу мушкул савдо экан. Фарзандга меҳрибонлик бошқа, эркалаш, талтайтиш бошқа. Шу боис Асадбек болаларини эркалатмасди, дейилганда «у фарзандларига бемеҳр эди», деб тушунмаслик лозим. Алқисса, ҳозиргина ошхонага кириб кетган қизи унга салом бериш билангина кифояланар эди. Асадбек шунга кўниккан бўлса-да, ҳозир андак ажабланди. Қизининг номус ўтида куйиб кул бўлаётгани унга ҳозирча номаълум. Буни кейинроқ идрок эта бошлайди. Яшин чақиб, чок-чокидан сўкилиб қолган қора булутлар орқасидан ой кўриниб, қоронғилик чекингани мисол, ошхонадан хотини чиқдию кўнгли равшан тортди. Кўпчилик назарида даҳшатли одамхўр сифатида гавдаланувчи Асадбек шу онда хотинини бағрига босиб йиғлагиси келди, десам, албатта ишонмайсиз. Лекин сиз ишонинг. Мол-дунёси беҳисоб, ўл деса ўладиган одамлари бор бўлган ҳолда ҳасратини эшитадиган ҳамрози йўқ кишининг ҳолига сиз ҳам раҳм қилинг. Бу фожиани ҳатто ғанимларингизга ҳам раво кўрманг.

Йиғлагиси келгани билан Асадбек йиғлай олмасди. Хотини унга далда бергиси келганда ҳам юпата олмасди. Оғир бўлганда шу Манзурага оғир. У икки ўт орасида. Бир томондан қизига ачинса, куйса, бошқа томондан эрининг ғазабидан қўрқади. «Жаҳл устида бир нима қилиб қўймасалар эди», деб жони ҳалакда. Ҳозир ошхона остонасини ҳатлаб чиқди-ю, қўрқувдан пирпираётган кўзларини эрига тикиб, салом берди. Сўнг:
— Яхши келдингизми, адаси, — деди. Бу гапини ўзигина эшитди. Қўрқибгина, астагина айтилган сўзлар ҳавога сингиб кетди.

Асадбек уйга қараб юрди. Манзура унга эргашди. Ичкари кира туриб чаққонлик билан энгашди-да, эри бетартиб ечган туфлини жуфтлаб, бир четга олиб қўйди. Сўнг ичкари кириб, Асадбек узатган палтони олиб, илгакка илди. Бу жараён кунда такрорланади. Ташқаридан кузатган одам ҳар куни бир томошани айнан кўргандай бўлаверади.

Асадбек ичкари кириб ўзи хуш кўрувчи тебранадиган юмшоқ ўриндиққа эмас, дераза томондаги бир қават кўрпачага ўтирди.
— Вой, тўхтанг, кўрпача солай, — деди хотини шошилиб.

Асадбек «керак эмас», деган маънода қўл кўтарди. Манзура бу ишорани кўрмагандай нариги уйга кириб кўрпача кўтариб чиқди.
— Бирпасга туринг, адаси.

Асадбек ўрнидан жилмади.
— Ўтир.

Манзура гилам устига ўтириб, кўзини ерга тикди.

Асадбек гапни нимадан бошлашни билмай каловланди.
— Тинчликми? — деди у бир оз сукутдан сўнг.
— Тинчлик, — деди хотини синиқ овозда.
— Бир нима дедими?
— Йўқ ҳали.
— Сўрамадингми?

Манзура эрига шошилиб қараб олди-ю, бошини эгди.
— Қандай сўрайман.
— Мен сўрайми бўлмаса!
— Вой, адаси...
— Ҳа, латта!

Асадбек шундай деб тўнғиллади-ю, бақириб юборишдан ўзини тийди. «Сўраганининг нима фойдаси бор?» деган фикр уни жиловдан тутди. Хўш, сўради ҳам дейлик, «зўрлашди» деган жавоб олди нима-ю «тегишмади» деганда нима? Ҳар икки ҳолда ҳам ўғирланган қиз одамлар учун номуссиз бўлиб қолаберади-ку?..
— Энди нима қилмоқчисан?

Манзура энди нима қилиши мумкин? Унинг йиғлашдан, фиғон чекишдан бўлак нарсага қудрати етадими? Асадбек буни яхши билади. Шунинг учун савол беришга бериб қўйиб, жавоб кутмади. Шунча йил бирга умр кечириб хотини билан маслаҳатлашмаган одам шу нозик паллада фикрлашармиди? Нима ҳақда сўзлашишни билмагани учун ҳам шу сўроқ тилидан учди. У ҳозир ёнида хотини бўлишини истарди. Манзура чиқиб кетса вужуди кимсасиз уйдек ҳувиллаб қолишини ҳис қиларди. Аммо хотини рўпарасида ўтирар экан, худди уришиб қолгандай оғзига талқон солволмайдику. Хотиннинг камгап, баодоб бўлгани яхши-я, аммо мана бунақа пайтда эрни эзиб ташлайди-да... Манзура гапга чечанроқ бўлганида Асадбекни ғуборли ўрамдан олиб чиқармиди...

Ташқаридан эркак кишининг овози келиб, Манзура чаққон ўрнидан турди-да, дераза оша ҳовлига қаради.
— Мутаваллингиз, — деди ажабланиб.
— Чақир, — деди Асадбек.

Манзура тез-тез юриб чиқди. Дам ўтмай эшик оғзида бўйни узунлигидан эгилиброқ юрувчи, эгнига уриниброқ қолган палто, бошига янги сувсар телпак кийган мутавалли кирди. Соқол-мўйлов улашилганда кечроқ қолган, аммо яратган «шу ҳам эркак-ку», деган раҳм билан топиб берган беш-ўнта тукни савлат қилиб ўстириб, жамики тирик жоннинг энсасини қотиргувчи Каримуллага Асадбекнинг ҳам тоқати йўқ эди. Етимхона бошқони бўлиб ишлаб, ўз таъбири билан айтганда, шайтоннинг биттагина гапига кирди-ю, олти йил умрини симтўсиқлар ортида ўтказиб қайтди. Яна фирқага тиклаш масаласида кўп уринди. Фирқа аъзолигига қайта олганида турқи таровати ўзгача бўларди. Ҳатто ўзига ҳам ёқмайдиган, соқол-мўйлов деган номга иснод келтирувчи бу туклар ўстирилмасди. Хитойнинг оҳори тўкилмаган оқ кўйлагини кийиб, Олмониянинг нўхот гулли қизил бўйинбоғини тақиб, финларнинг кўзни олувчи костюмини эгнига илиб, гердайиб юрарди. Айб ўзида — райқўмга узатиши лозим эди. Ўзини хокисор кўрсатиб бир янглишди. Райқўмдагилар хокисорларга раҳм қилар деб ўйлаб эди. Раҳмдиллар райқўмда эмас, бу томонда экан. Бахтига маҳаллада масжид қурилиши бошланди. Аввалига ҳайбаракаллачи бўлиб юрди. «Уни у ёққа ол, буни бу ёққа қўй», деб туриш, чойни шопириб қайтариб ўзидан улуғроқ одамларга таъзим билан узатиш ҳадисини олган эди. Қурилишда ҳар куни ўралашиб юрувчи битта бекорчи керак экан. Шундан фойдаланиб, пойдевор битмасиданоқ ўзини «мутавалли» деб эълон қилди. Абдукарим деган исм, гарчи муллаликка дахлдор бўлмаса-да, Каримулла деб ўзгартирилди. Бу «мулла» хотираси заифлиги туфайли тўрт ой бадалида «Оятал курси»ни ёд ололмай, иккита кичик сура билан тирикчилик қилади. Ўшанда ўстира бошлаган «соқол-мўйлаб» иморат томи ёпилибдики, ҳали бир энликдан нарига ўтгани йўқ. Бу ҳол Кесакполвон учун бир эрмак. Уни ҳар кўрганида «Каримулланинг соқоли ичкарига қараб ўсади», деб мазах қилади. Асадбек мутаваллининг тезроқ кетишини истайди, Кесакполвон эса уни масхаралаб ўтиришни ёқтиради. Каримулла бу масхарани малол олса-да, сиртига чиқармайди. Кесакполвоннинг гапларидан мириққандай хихилайди. У Асадбекдан чўчийди, камгап, мулоҳазали Чувриндидан эса қўрқади. Шу ҳолда аъёнлардан бири уни «ўзига яқин олиб» «ҳазил» қилар экан, нимаси ёмон?

Каримулла Асадбек ёлғиз эмасдир, деган хавотирда эди. Ичкарига киргач, яйраб кетди. Илдам юриб келиб Асадбек билан қўшқўллаб сўрашди. Асадбек ўрнидан қўзғолмай, қўл учини берди.
— Ўруснинг янги йили муборак бўлғай, — деди Каримулла ишшайиб.

Асадбек унга жавоб бермади. «Хўш, нимага келдинг?» дегандек норози қиёфада боқди. Каримулланинг мақсади янги йил билан табрик этиш эмас, балки кўнгил сўраш, шу орқали ўзининг ҳам руҳан «азият чекаётганини» маълум қилиб қўйиш эди. Аммо Асадбекнинг қараши уни шошириб қўйди. «Сизга қасд қилганлар паст бўлсин, қизингизнинг бахти очилиб кетади, иншооллоҳ», деб дилига тугиб келган гапларини ҳам унутди.
— Битта хонага жой қилиб намозни бошлаб юбордик. Бутун маҳалла дуои жонингизни қилиб ётибди. Сувоқчилар хонақоҳдан чиқишди.

Хабар Асадбекни мутлақ қизиқтирмаётганини сезиб Каримулла жимиб қолди. Шу гапларнинг ўзини айтиб чиқиб кетавериш мумкинмасди. Шу учун бир оз каловланди.
— Айвоннинг... тўсиқларига темир керак экан, борсак бермади, занғар. Лимит-пимит дейдими-эй...
— Темир сенга ҳозир керакми? — деди Асадбек тутоқиб.

Шу топда Асадбекнинг кўнглига бундай гаплар сиғмаслигига, умуман, майда-чуйдалар билан шуғулланиш бошқа аъёнларнинг иши эканига Каримулланинг калта фаҳми етармиди?

Асадбек шарт ўрнидан турди. Каримулла «тепиб қолади шекилли», деб қўрқиб, ўзини четга олди. Асадбек эшик ёнига илинган, шапалоқдек келадиган хориж телефонини олиб, чиройли тугмачаларни босиб рақам терди.
— Алло, ким бу? — деган эринчоқ аёл овози келди.
— Тўхтасин керак, — деди Асадбек жеркиб.
— Ухлаяптилар.
— Уйғот, ғафлатни, Асадбек акам сўраяптилар, де.
— Вой, ассалому алайкум, ҳозир... Ана, туриб келяптилар...

Ярим дақиқа ўтмай хирилдоқ овоз эшитилди:
— Ассомайкум, Бек ака, тинчмисиз, омонмисиз, янгам...

Асадбек унинг гапини шарт бўлди.
— Масжидга нима учун темир бермадинг?
— Окахон, лимит...
— Икки соатдан сўнг темирлар масжидда бўлсин.
— Бек ака, эртага эрталаб...
— Икки соатдан кейин масжидга чиқиб кўраман.
— Ахир бугун кранчи...
— Ўзинг қўл билан ортасан.

Асадбек гапни калта қилиб, телефонни жойига илди:
— Икки соатдан кейин усталаринг жойида бўлсин.

Каримулла бу гапни эшитиб, бошига ғавғо орттирганини билди. Кирганига минг пушаймон еди. Топшириқдан қутулиб қолиш учун баҳона излади.
— Усталарнинг ҳақига сал камхаржроқ бўлиб қолувдик. Чиқмаймиз, деб хафароқ бўлиб кетишибди, — деди мижғовланиб.

Асадбек маҳаллага ёрдам бўлсин, деб пул берарди, бироқ сарф-харажатларни текширтириб кўрмас эди. Бир ҳафта бурун «мутавалли масжид ҳақини сичқондек кемириб ётибди», деган гапни эшитиб, «етимларнинг ҳақидан қўрқмаган, масжид ҳақидан қўрқармиди», деб ғижинган, лекин чора кўришга шошилмаган эди. Ҳозир шу гап ёдига тушдию янада тутоқди:
— Усталарнинг ҳақига шерик бўлмаганингда етарди.
— Бек ака, ундай деманг-а, астағфируллоҳ!
— Ҳе, сени художўй қилиб туққанни...

Каримулла ўзини оқлашга киришишнинг оқибати яхшилик билан тугамаслигини англаб, бошини эгганича жим қотди. Мўъминликнинг шуниси яхши-да. Ғазабга минган одам тутоқаверади, сўкаверади, сен эса бошингни эгиб олиб унинг етти пуштини ичингда ўқийверасан. «Онангни!» дейди у, «онангнинг онасини қўшиб...» дейсан сен. «Ҳароми!» дейди у, «ўзинг итдан туғилгансан», дейсан сен. Шу ҳолда давом этаверади. Сенга яхши. Дилингдагини овоз чиқариб айтдинг нимаю ичингда айтдинг нима? Фарқ шундаки, дилдаги тилга учса жонинг кетиши мумкин, жонингга раҳм қилинган тақдирда абжағинг чиқади. Тилни бесуяк яратган Худога зорланиб бир-икки ой, балки бир умр кўрпа-тўшак қилиб ётарсан. Каримулла тилини тиш ҳатлашига йўл қўймади. Асадбек сўка-сўка бир тарсаки тушириб қолганини айтмасак, сувдан қуруқ чиқди ҳисоб.

Асадбек тарсакидан сўнг бу кўсамулла чиқиб кетар, деб ўйлаган эди. Унинг мутелик билан қўл қовуштириб, бош эгиб турганини кўриб:
— Яна нима дардинг бор? — деди.
— Бегим, бир қошиқ қонимдан кечинг, сизга нотўғри информатсия беришибди.
— Гапни чўзма. Менга қанақа хабар етказишни билишади. Ҳаж қилмоқчимишсан, бу ҳам ёлғонми?
— Рост, бегим, рост. Мен асли шу гапни айтай деб келувдим. Оқсоқоллар Асадбек ака ҳам борсинлар, дейишяпти. Биллалашиб борсам, бирам ярашади... Сиз билан борсак, икки марта ҳаж қилгандай бўламиз.
— Сен билан юрсам ярашадими?
— Мен билан юрмасангиз ҳам... Асадбек ҳожи бўлиб юришингиз ярашади.
— Пулни қаердан оласан? Камбағал-фақир бўлсанг?..
— Бегим, қариндош-уруғ бор, ҳозир ўн беш минг пулми? Гуноҳларни кўп қилардик, охиратни ўйламасак...
— Охиратни дегин... Ўн беш мингни тўлаб у ёқдан майда-чуйда олиб келсам, харажатни қоплармикин?

Асадбек бу саволни синов учун берган эди. Бунинг фаҳмига етмаган Каримуллага жон кирди.
— Чиқади, бегим, унча-мунча қолади ҳам.
— Харажатдан ташқари йигирма минг қолармикин?

Каримулла бу саволга ўйламай-нетмай жавоб қайтарди:
— Йигирма минг чиқмас-ов, аммо ўн мингча қолар.
— Шунақа дегин, ҳисоблаб қўйибсан-да, а?
— Энди, одамлар айтиб юришибди-ку...

Асадбек жавонга яқинлашиб, эшигини очди. Каримулла тахланиб турган пулларни кўриб, энтикиб кетди. «Харажатни кўтаради шекилли», деб қувонди.
— Қариндошларингни тинч қўй, — деди Асадбек, пул санай туриб. — Мана сенга ўн минг, — у шундай деб бели букилмаган пулларни Каримулла томон ташлади. Каримулланинг пулга узатган қўллари муаллақ қолаверди. — Сен ҳаром қадамингни Маккага босма, Маккага покиза одамлар бориши керак. Йўқол энди, кўзимга кўринма.

Каримулла пулларни апил-тапил йиғиштириб олиб, қуллуқ қилганича чиқиб кетди. Пулларни палтонинг кенг чўнтакларига сола туриб «йигирма минг десам бўларкан», деб ўкинди.

Асадбек жойига бориб ўтириб, ёстиққа ёнбошлади. Бир дам хаёлларга банди бўлди. Сўнг кўзига уйқу илиниб бошини ёстиққа қўйди. Қанча ухлаганини билмади. Бир уйғонганида шом қоронғиси чўккан эди. Хотини кириб: «Овқатга чиқасизми ё шу ерга олиб кирайми?» деб сўради. Асадбек «чиқаман», деди-ю, яна уйқу элитиб ўрнидан қўзғолмади. Худди биров икки елкасидан босиб, миясига қўрғошин қуяётгандай кўзларини ҳам очолмай қолди. Мия сергак, қулоқ атрофда тиқ этган товушни ҳам эшитади. Кўз эса ғалати уйқуда — бир жарга қулайди, юраги қинидан чиққудай бўлади, бир босинқирайди, бир чала уйғонади... Шу аҳволда тонг оттирди.

Нонуштадан кейин Жамшид келди.
— Бек ака, ҳаммаси пишди. Уйига обориб қўйдим,— деди Жамшид.
— Ғалва кўтармадими?
— У-бу девди, менам бир нима дедим.
— Бўпти, кўз-қулоқ бўлиб турларинг. Уйга майда-чуйда юбордингми?
— Бўтқанинг болалари олиб бориши керак эди.
— Ўзинг хабар ол.
— Бек ака, кўчада имом турибди.
— Нима иши бор экан, ё тавба қилиб келибдими?
— Билмадим... эшитишимча, «Волга»сини шумо қилиб кетишибди.
— Ким?
— Бизникилармас.
— Топиб, жойига олиб бориб қўйларинг.
— Кирсинми, ё жавоб бериб юборайми?
— Кирақолсин, балки бошқа гапи бордир.

Қотмадан келган, кўзлари маъноли боқувчи, ўзи ёш, бироқ қоп-қора қуюқ соқол-мўйлови улуғроқ кўрсатаётган имом — Собитхон қори номи билан шаҳарда эътибор қозонган эди. У имомлик қилувчи кичкина, эски масжидга баъзан одам сиғмай кетарди. Қариялар бу мулла йигитга ихлос қўйиб, уни маҳалла масжиди имомлигига чорлаган эдилар. Рад жавоби олишгач, Асадбекнинг аъёнлари орага тушишди. Собитхон ўжар эди. Охир-оқибат Асадбекнинг ўзига ҳам йўқ дейишдан қайтмади. Асадбекка бу «олифта имомча»нинг димоғдорлиги ёқмади. Собитхоннинг: «Ҳаром пулларга қурилаётган масжидда мен намоз ўқимайман», дейиши Асадбекни ғазабга миндирса-да, чора кўришдан ўзини тийди. Халқ орасида ўзи ҳақида бўлар-бўлмас миш-мишлар юрганда бу эътиборли қорининг бошидан биргина соч толаси тўкилса маломатларга қолишини билди. Тўғри фикрлаган экан — имом машинасини ўғирлатиб, ундан гумон қилибди. Бу гап аллақачон шаҳарга тарқалгандир...

Собитхон остона ҳатлаб кириб, қўлини қовуштирган ҳолда, қироат билан салом берди. Асадбек беихтиёр равишда ўрнидан туриб унга пешвоз чиқди — қўшқўллаб сўрашиб, қизил духоба қопланган диванга таклиф этди.
— Келинг, қори, қандай шамол учирди? — деди Асадбек, фотиҳа ўқилгач.
— Яхшилик шамоли эмас, — деди Собитхон унга тикилиб.
— Ҳай, ҳай, қорижон, совуқ нафас қилманг.
— Сизни инсофга чақириш фойдасиз эканини билсам-да...
— Қори, келишиб олайлик: сиз мени инсофга чақирманг. Қандай яшашни ўзимга қўйиб беринг. Мен ҳақманми ё ноҳақманми — қиёматда маълум бўлади. Сиз менга қози эмассиз. Сиз гапни чайнамай муддаога кўчаверинг. Сиз «Волга»нгизни ўғирлатиб, алам билан келган одамсиз.
— Ҳа, тақсир, топиб гапирдингиз. Аммо сиз томондан ғирромлик бўлди бу иш.
— Нима, ғирромлик?! Қори, аввалги сафар масжидга сарфлаган пулларимни ҳаром девдингиз, энди ғирромлик дейсизми? Ўйлаб гапирасизми гапларингизни? Сиз кимсиз ўзи? Тўрттагина сурани кўз юмиб ёдлаб берувчи қориваччасиз, Худо эмассиз! Сизнинг китобларингизда туҳматчини нима дейишади? Туҳматчининг тилини кесиш керакми?
— Астағфируллоҳ! Туҳмат қилаётган бўлсам каломулло урсин!
— Керак бўлса уради ҳам. Ўша куни индамаган эдим. «Волга»нгиз борлигини билганимда «хўш, менинг пулларим ҳаром экан, сиз «Волга»ни қайси ҳалол пулга олдингиз?» деб сўрардим.
— Менинг отам...
— Сизнинг отангиз Андижонда машҳур телпакфуруш, биламан. Телпакфурушларнинг найрангларини ҳам биламан. Шунинг учун ҳалоллик ҳақида бошқалар гапирганда сиз индамай юраверинг. Худойига бориб, Қуръон ўқиб тугун учига неча пул тугиларкин, деб юрадиган мўлтони одамсиз-у, яна менга ғирромдан гапирасизми?
— Туҳмат қилманг, мен Аллоҳнинг каломини пулга сотадиганлардан эмасман!
— Мен билмаган нарсамни айтмайман. Жирилламанг. Бу шаҳар бедарвозалигини билмайсизми? Шаҳарда мингта Асадбек бор. Сиз биттасидан гумонсирабсиз. «Волга»нгизни топиб беришади. Мен бунақа майда ишлар билан шуғулланмайман.

Асадбек Собитхон билан дастлаб учрашганида анча баодоб муомалада бўлган эди. Ҳатто қори ҳаром пулларни тилга олганида ҳам Асадбек тутоқмаганди. Унинг ҳозирги феъли, қўрслиги Собитхонни аввалига ажаблантирди, сўнг пича қўрқувга солди. Агар одамлар орасида юрган гап-сўзлар рост бўлса, кичкинагина масжиднинг имоми бирданига йўқолиб қолса ҳам ажаб эмас-да. Ҳозир унинг бу хонадонга кирганини ким кўрди? Чиқдими, чиқмадими — ким суриштириб ўтирибди? Қори шуларни ўйлаб сесканди. Ичида калима қайтариб қўйди.

Худо имомлар орасида инсоф ва имон бобида басаломат бўлган Собитхонни ўз паноҳига олиб, Асадбек қаҳрининг тўлиб-тошишига йўл қўймади. «Майда ишлар билан шуғулланмайман», деганидан сўнг Асадбек жим қолди. Собитхон ортиқча сўзга ҳожат йўқлигини англаб ўрнидан турди. Асадбек «бир пиёла чой ичинг» ҳам демади. Собитхон унинг қаҳрини қўзғотган нарса нима эканини фаҳмламай, гаранг ҳолда изига қайтди.

Avvalgi
I- qism