OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

1 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифТоҳир Малик
Асар номиШайтанат (I- китоб, II- қисм)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Криминал беллетристика
Муаллифлар
   - Тоҳир Малик
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Китоблар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм444KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/12/01
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Шайтанат (I- китоб, II- қисм)
Тоҳир Малик

VIII боб

1

Прокурор маҳкамасининг терговчиси Зоҳид Шарипов ҳали бунчалик хорланмаган эди. Кечагина марказдан келган прокурор терговчиларининг қонунга мос бўлмаган ишлари ҳақида кўпириб гапирилди. Гўё шу билан маҳкамалар тозаланди. Покиза одамлар тўплангандай бўлди... Зоҳид шу ҳаракатларга ишонибди. У прокурор ёрдамчисининг қилиғидан бир аччиқланса, ўзининг гўллигидан ўн ғазабланди. «Нима дейишмоқчи бўлишди: сен писта пўчоғисан, истаган пайтда супуриб ташлаймиз, сен кераксиз бир қоғозсан — хоҳласак, ғижимлаб оёқ остига отамиз, дейишмоқчими?»

Зоҳид анчагача ўзига келолмай ўтирди. Сўнг шарт ўрнидан туриб, прокурор ёрдамчиси хонаси томон юрди. У ёрдамчи билан олишишни қасд қилган эди. Аммо ўзига зеб бериб кийинган, қошлари қалин, кўзлари кулиб турувчи прокурор ёрдамчисининг муомаласи уни шаштидан қайтарди.
— Э, келинг, Зоҳиджон, янги йиллари қутлуғ бўлсин. Оилангиз, ота-онангиз соғ-саломатмилар? Бахтингизга кўп йиллар яшашсин, тўйларингизга бош бўлишсин. Сизни чақираман, деб турувдим. Хизрни йўқласам бўларкан. Хў-ўш... Шариф Намозовни қўйиб юборишга тўғри келди. Айби исботланмаган. Гувоҳлар гапларидан тонишибди. Унга қарши иғво қилингани шундай сезилиб турибди-ку, сизлар тўппа-тўғри қамоққа тиқиб қўя қолибсизлар. Намозов анов-манов одам эмас, катта олим экан. Чет элликларни ҳайрон қолдириб турган одамни қамоққа тиқсак, халқаро жанжал чиқиб кетишини ҳам унутмаслигимиз керак-да, азизим. Чет элдаги сафсатабоз душманларимизни биласиз-ку, «СССРда инсон ҳуқуқлари поймол этилмоқда!» деб ғавғо кўтаришса, бошимиз ғалвадан чиқмай қолади. Келинг, биз шунақа ташвишлардан четроқда юрайлик. Сиз ёшсиз, ўсадиган йигитсиз, бамаслаҳат ишлайверинг. Иғвонинг бошида винзавод директори Сулаймонов турган экан. Айбини бўйнига олиб ўзи келди. Ҳазилининг бунақа жиддий тус олишини ўйламабди. Беш-ўн ой ўтирса, иккинчи ҳазиллашмайдиган бўлиб чиқади.
— Сулаймонов ишини менга топширсангиз...

Зоҳид унинг маҳорат билан тўқиётган тўрига банди бўлиб қолмай, чиқиб кетиш ниятида шу гапни айтди. Ҳеч нарсадан тап тортмай ишни хамирдан қил суғургандай ҳал этаётган прокурор ёрдамчиси Зоҳиддан шу илтимосни кутмаганида лақма одамга айланмасмиди, бу даргоҳдан кавуши аллақачон тўғриланмасмиди? Дунёнинг манаман деган олимлари билан баҳслашишга мослаб яратилган бу фаҳм-фаросат, бу ақл шу арзимас масалани ечишда ожизлик қилса-я! Ҳа, Зоҳид ожиз эди. Унинг кўзлари очиқ, аммо фикр кўзи бу ўйинлар, оёқ остига тушаётган тўрларни, энг муҳими— қаршисидаги одамнинг қалбини аниқ кўролмаётган эди. Ақл ҳаммавақт ҳам одамга шараф келтиравермайди, баъзан мана шундай хор ҳам қилиб қўяди. Зоҳид ўзининг беадад хорланаётганини ҳозир эмас, кейинроқ ҳис этади. Бошингизга тош тегса, бир оз оғриб, сўнг босилгандай туюлади, аммо орадан вақт ўтиб шундай оғриқ қўзғолади-ки, ўзингизни қўйгани жой топа олмайсиз. Руҳий қийноқ ҳам шундай. Бир неча соатдан сўнг «мен нима учун унга шундай демадим!» деб ўзингизни лаънатлай бошлайсиз. Бироқ вақт ўтди — энди бу афсусдан нима наф?

Зоҳид соддалик билан Сулаймонов ишини сўради. Прокурор ёрдамчиси эса пинагини бузмай, ўша кулимсираган ёқимтой кўзларини Зоҳиддан олмай жавоб берди:
— Бу ишни Келдиевга топширдим. Танийсиз-а, аммамнинг бузоғи. Шунақа майда-чуйдани топширмасам, жиддий ишларни эплай олмайди. Сизни зўр ишлар кутиб турибди, азизим. Ўсадиган одам майда-чуйдага аралашмаслиги тузук. Сиздан умидим катта. Республика прокурорига ҳам айтдим. Умидли ёшларни биз ҳар қанақасига қўллаймиз.
— Шариповнинг иши оддий ҳазилга ўхшамайди. Ҳазил деб юриб уни ўлдириб кетишлари мумкин.

Жиддий оҳангда айтилган бу гапни у эрмакдай қабул қилди:
— Воҳма қилманг-э, азизим. Ўлдириб кетади, деб қамоқда ушлаб туришимиз ҳам тўғри келмайди-да. Эркак одам лалаймай ўзини ҳимоя қилсин. Итдай ичиб, чўнтагига биров наша солиб қўйса ҳам билмай ётаверадими?
— Мен ваҳима қилаётганим йўқ. Ундан пул талаб қилишган.
— Қим? Қачон?
— Кимлигини билолмай қолдим. Ҳарҳолда қамоқхонада талаб қилишган бўлса керак.

Прокурор ёрдамчиси телефон тугмасини босди. Кўзларидаги кулги йўқолиб, кўриниши жиддийлашди, ҳатто бироз асабий тус олди.
— Жонқораев! Сигналлар тушяпти, қамоқхонада бевошлик кучайибди. Текшириб уч кундан кейин ҳисоб берасан. Ҳа, Шариф Намозовдан ким пул сўраганини ҳам аниқла. Онасини Учқўрғондан кўрсатиш керак бунақаларни, тушундингми!

Прокурор ёрдамчиси «маъқулми, кўнглинг жойига тушдими», дегандай Зоҳидга қаради-да, ўрнидан турди.
— Ҳозир республикага чиқишим керак. Сиз билан хотиржам би-ир гаплашамиз. Ўзим чақиртираман.

У Зоҳиднинг елкасига қўлини қўйиб, ғоят улуғ бир меҳр кўргазиб остонагача кузатиб қўйди.

2

Зоҳид хонасига қайтди. Усти чойнак изларидан доғ бўлиб кетган ўша стол, ошиқ-мошиғи аранг илиниб турган ўша бўм-бўш китоб жавони... Зоҳид ўрнига ўтириб ҳалқа доғлар сирини ўрганмоқчи бўлгандай стол устига тикилиб қолди. Бу доғлар нималарга гувоҳ? Аччиқ чой дамланиб, шопириб-шопириб қайтарилиб, хўриллатиб ичилган дамларда кимларнинг тақдири ҳал этилган? Қандай хўрликларнинг, қандай ғирромликларнинг гувоҳи бу доғлар?.. Зоҳид тикилиб ўтиргани билан хаёлига бу гаплар келмайди. Унинг хаёли Шариф Намозов ва Қилич Сулаймонов билан банд. Намозовни қамаш учун ишлатилган ҳийла энди Зоҳидни айтарли ажаблантирмай қўйганди. Бу калаванинг учини топгандай бўлиб эди. Сулаймоновнинг бош эгиб келиши... Ҳеч қандай мантиққа тўғри келмайди. «Бу ишнинг бошида Асадбек турган бўлса, нима учун Намозовни қаматди? Балки бурнини ерга бир ишқаб қўймоқчи бўлгандир? Бунинг бошқа осонроқ, камчиқимроқ йўллари ҳам бор эди-ку? Сулаймонов нима учун қамоқда ўтирмоқчи? Унинг гуноҳи нима?» Зоҳид иш баттар чигаллашганини ҳис қилди. Намозов тақдирини Асадбек ҳал қилган, винзаводга осилма, дейишганда масаланинг бунчалик мушкуллигини кутмаган эди. Винзаводни яхшилаб текшириш жумбоқни ойдинлаштириб беради, деб ишонганди. Сулаймонов ўйиндан чиқарилибдими, демак, винзавод қалъасига унча-бунча ҳужум писанд эмас.

Зоҳид жилди жигарранг чармдан ишланган папкасига қараб қўйди. Ҳафсала билан иш бошлаган эди. Тўлдирилган бир неча саҳифа кечагина муҳим маълумотлар даражасида қадрли эди. Ҳозир эса бу қоғозлар сариқ чақага ҳам арзимайди. «Нима, мен кўчада санқиб юрган лайчаманми, биров тепса вангиллаб четга қочаверадиган...» Шу фикр Зоҳидни сергак торттирди. Нима, энди у «менга қачон, қандай иш беришаркин», деб пашша қўриб ўтирсинми? Иш топширилганда ҳам «буни мана бундай тарзда якунлайсан», деб аниқ кўрсатма беришмайдими? У жонсиз қўғирчоқ каби қоғозларни расмийлаштириб қўя қолмайдими? Шундай қилса — тез «ўсади»! Бўлмаса... Ерга кириб кетадими? Балки...

Одамлар фалончини осиб кетишибди, пистончининг уйини ўғри урибди, деган ваҳимали мишмишлар чодири остида қўрқиб яшаётган бир дамда шаҳар прокуратурасининг бўм-бўш китоб жавони, тепалари ҳалқа-ҳалқа доғли стол қўйилган кичкина хонасида терговчи ишсиз ўтирибди, дейилса хўп қизиқ туюлар. Жиноятлар изидан юрган Зоҳид бу ерга келгунча ишсиз ўтиришни тасаввур қила олмас эди. Қаранг, шундай маҳкамада ҳам бекор ўтириш мумкин экан.

Бир соат илгари хонага берухсат кириб келган терговчи Намозов қўйиб юборилажагини айтганда, Зоҳид ажабланган эди. Сўнг бу ҳолдан ғаши келди. Кейин ғазабланди. Хўрланганини ҳис этиб эзилди. Мана энди, бекорчи деган ёрлиқни олиб, бўғилиб ўтирибди. Гўё прокурор ёрдамчиси пинжида юрувчи терговчи кириб нохуш хабарни айтмаган, балки баҳайбат мингоёқни олиб кириб қўйиб юборган. Бу кўринмас мингоёқ Зоҳидни бўғзидан бўғиб кўрди, юрагини ғижимлаб кўрди. Энди қулоғидан ўрмалаб кириб миясини зириллатяпти.

«Нимадир қилишим керак, — деб ўйлади у, бошини чангаллаб, — бу ўтиришда ёрилиб кетаман!» У шундай деб ўрнидан туриб, эшикни очди. Қаерга боришини билмай, гангиган ҳолда остонада пича турди. Сўнг даҳлизга чиқди. Учинчи қаватга кўтарилиб, Келдиев ўтирадиган хона эшигини тақиллатди. Ичкаридан жавоб бўлмади. Зоҳид эшикни тортди — берк. Прокурор ёрдамчиси «аммамнинг бузоғи» деб атаган, бошини бир ёнга қийшайтириб юрадиган Келдиев эшикни ичкаридан беркитиб олиб, Сулаймонов ишига оид ҳужжатларни тўлдирар эди.

Зоҳид иккинчи қаватга тушди-ю, хонасига киргиси келмади. Эшикни қулфлаб ташқарига чиқди. Беш-ўн кун йўқ бўлиб кетса ҳам бекорчи терговчи билан бировнинг иши бўлмаслигини Зоҳид биларди. Лекин беш-ўн кун қаерга боради. Елкасидаги ташвиш юки билан қаерга сиғади? Зоҳид шу масалада бир оз янглишаётган эди. Назарида прокурор ёрдамчиси вазиятни юмшатиш учун уни холи қўядигандай эди. Гўё прокурор ёрдамчиси қилган ишидан уялиб, уни безовта қилмайдигандай эди. Бир содда қиз никоҳ куни онасидан куёвнинг чап томонида ётайми ё ўнг томонидами, деб сўраганда онаси қайси томонда ётишингнинг фарқи йўқ, барибир ўша иш бўлади, деган экан. Шунга ўхшаш Зоҳид каби тухумдан энди чиққан терговчи аразлайдими, зарда қиладими, барибир — прокурор ўз билганидан қолмайди.

Кечаси бир сидра қуруқ қор ташлаб сўнг тундлашиб қолган осмон Зоҳид кўчага чиқиши билан яна инсофга келди. Зоҳиднинг назарида энди кўзни қувнатувчи қор эмас, осмонда ҳасрат элаги эланиб, ҳасрат ёғилар эди. Табиат одам руҳига мосланадими ё одамнинг руҳи табиатга мосланиб қоладими — тушунмак қийин. Ҳарҳолда кўнгил хира тортган маҳалда чор атроф ҳам тундлашиб қолади.

У кўчага бемақсад чиққан эди. Эркни оёқларига берди. Юзига урилаётган қор учқунларидан роҳатланди. «Кечгача ёғса ҳаммаёқ оппоқ бўлади. Ҳавода ғубор қолмайди. Қор ёғдириш, тиндириш, офтоб чиқиш — Худонинг иродаси биланми? Худо қор ёғдиргани каби ҳақиқат, адолат ёғдирса-чи? Бир кунгина ёғдирса эди. Қор эриб тупроққа сингиб кетишига ўхшаб, ҳақиқат билан адолат одамларнинг юрагига сингиб кетса... Дунё бир кундаёқ бошқача бўлиб қоларди...» Зоҳид бобосининг гапларини эслади: «Оллоҳ таборак ва таоло инсонларни синамоқ учун бу дунёга юборган...»

Садақайрағочдек ўсган оқ ўрик остидаги супага кўрпача тўшаб ўтиришни хушлайдиган бобоси шу гапларни кўп такрорларди. Кўзойнакнинг синган бандлари ўрнига ип тортиб қулоққа илиб, мук тушиб эски китобларни ўқиб ўтирувчи бобоси кўз олдига келди. Акасига эргашиб кўча чангитиб юриб ё сув ичгани, ё қорни очиб бир тишлам нон егани кириб қолганда бобоси «Қани, дўнгпешоналар, ўтиринглар-чи, эшитинглар-чи...» деб эски китобдан ҳикоятлар ўқишни бошларди. Улар эса бобосининг ўқишга берилганидан фойдаланиб лип этганча қочиб қолишарди. Зоҳид ҳозир бобосини қўмсади. Эски китоблардан ўқиб беришини, насиҳатларини, дунёнинг тузилиши, инсонлар хулқи ҳақидаги сўзларини эшитгиси келди. Бобосининг бу дунёдан ризқи узилганда Зоҳид ўн ёшда эди. Кўп гапларни эшитарди, бироқ мағзини чақолмасди. Улғайиб, бу ёруғ оламнинг қоронғи кўчаларига бехос кириб қолиб, ночор тентираган чоқларида эсида қолган гапларни фаҳмига етмоққа ҳаракат қиларди. Йиллар ўтгани сайин, дунё тиконзорларини ялангоёқ кезгани сайин бобосининг ўгитларига муҳтожлиги орта борди. Зоҳид камгап отасига дардини айтиб далда ололмасди. Бу оилани танимаган кишига «шу индамас кетмончи ўша мулла одамнинг ўғли», деса ишониши қийин. Бобоси уриб бўлса ҳам илмини ўргатмаган экан-да, кетмонингни чопиб юровур, ўғлим, илм билан қорин тўймайди, деган экан-да... Мана энди Зоҳиднинг акаси ўлиб кетди, отасида на эскича, на янгича илм бор. Ўйлаб қараса, қариндош-уруғлари орасида ҳам бобоси каби одам йўқ экан. Ўтин ёниб, кул қолибди, деганлари шуми?

Бобосини ўйлаб бораётган Зоҳид саволларига жавоб топгандай бўлди: «Худо ёғдирган ҳақиқат, адолат — бобомга ўхшаган одамлар эмасмиди экан? Улар ер юзидаги одамлар қалбига яхшилик уруғи сепишлари лозимми эди? Бобомга ўхшаганлар камайиб кетяпти-ку! Энди нима бўлади? Энди юраклар фақатгина қон ҳайдашга ярайдиган ҳиссиз буюмга айланадими? Ҳақиқат ва адолат тамом қовжираб, куйиб кул бўладими?!»

Зоҳид бадбин хулосага яқинлашган эди. У дунёда битта яхши, битта тўғри одам қолгунича адолат ва ҳақиқат яшаши мумкинлигини ҳозирги кайфиятида идрок эта олмас эди. Ёмонлар, мунофиқлар нафасидан олов чиқиб ҳақиқат ва адолатни куйдиради, аммо яхшиларнинг юрагидан қувват олгучи бу ҳақиқат, бу адолат яшайверади. Бу — азалий кураш! Яна неча аср давом этади — яратганга маълум. Бандасига бир нарса аён — азалий курашнинг интиҳоси — қиёмат!

Эркинликка эришган оёқлар Зоҳидни аввал анҳор бўйига, сўнг сувоқлари кўча бошлаган тўрт қаватли уйга бошлади. Нураб қолган тош зиналарни босиб тўртинчи қаватга кўтарилди. Ҳаворангга бўялган ёғоч эшикка қайсидир бола бўр билан катта қилиб «проф. Ҳабиб Сатторов» деб ёзиб қўйибди. Шу ёзувни кўриб Зоҳид хаёлини йиғиштирди. «Нимага келдим? Ҳасратимни тўкиш учунми? «Бу соҳага ўтиб овора бўлма, сен излаган ҳақиқат йўқ у ерда. Бўлмаган, йўқ ва бўлмайди ҳам», деб неча марта таъкидлаган. Энди «Гапингиз тўғри экан», деб кириб бораманми?» Зоҳид бир оз ҳаракатсиз туриб, изига қайтмоқчи бўлди. Энди ўгирилиб кетаман, деганида эшик очилиб елкасига жун рўмол ташлаб олган Ҳабиб Сатторов кўринди. Зоҳиднинг бурилиб кетаётганини кўриб, ажабланди.
— Зоҳид? Ҳа, тинчликми?

Зоҳид ўгирилиб, хижолатдан гап тополмай қолди.
— Уйда йўқдирсиз, деб ўйлабман, — деди.
— Қўнғироқ ишламаяптими? — профессор шундай деб тугмани босди. Биринчи, иккинчисида овоз бўлмади. Кейин қўнғироқ булбулга ўхшаб сайраб берди. Мана шу ҳол Зоҳидни хижолатдан қутқарди. — Болалар тугмани ўйнайвериб ишдан чиқаришганга ўхшайди. Қани, кир. Келаётганингни деразадан кўрувдим. Кутдим, кутдим, дарагинг бўлмади. Яхшиям эшикни очиб қараганим.

Зоҳиднинг кўзига уй бесаранжомроқ кўринди. Ўртадаги стол устида кўк пластмасса челак турибди. Дераза томонда икки тоғора... Ҳабиб Сатторов Зоҳиднинг ажабланганини кўриб кулимсиради:
— Чакка ўтиб кетди. Учинчи қаватдагиларга жабр бўлмасин, деб шунақа ўтирибмиз. Кеча қувурлар ёрилибди, уй исимаяпти. Болаларни қайнонамникига қўйиб келдим. Ўзим кечқурун Масковга кетяпман. Вадим Петрович ишга чақириб, ҳоли жонимга қўймаяпти.
— Рози бўляпсизми?
— Ўзимни-ку боргим йўқ. Академияга сайловдан кейин Соҳиб Пўлатович зада бўлиб қолди. Энди менга кун бермас. Биринчи қилган яхшилиги мен олишим керак бўлган уйни Кравчукка бердирибди.
— Ким у Кравчук?
— Керакли, зарур мутахассис! — Ҳабиб Сатторов шундай деб кўрсаткич бармоғини осмонга нуқиб қўйди. — Институтнинг сантехниги.

Зоҳид Фанлар Академиясининг мухбир аъзолигига номзодлар орасида Ҳабиб Сатторов билан Соҳиб Пўлатовлар борлигини эшитиб «чакки бўлибди» деб қўйган эди. Бунақа сайловларда олимнинг иқтидори эмас, эгаллаган мансабию суянган тоғи муҳимроқ экани унга маълум. Сайловдан Сатторов ҳам, Пўлатов ҳам ўтолмади. Пўлатов, шубҳасиз, бу кўргуликда Сатторовнинг айби бор, деган хулосага келгану уни икки хонали тор, совуқ, чакка ўтувчи уйда яшашга маҳкум этган.
— Ҳозир кетсам, бўлмас, — деди Ҳабиб Сатторов, — сайловдан ўтолмагани учун аразлаб жўнаворди, деб ғийбат қилишади. Масковга-ку ишга бормасман. Аммо Кембрижга боришим керак. Бир йилга чақиришяпти. Дилимга тугиб юрган режаларим бор, ўша ерда битириб келаман.
— Пўлатов биладими, буни?
— Эшитса инфаркт бўлиши турган гап. Мана буни ўқи, ҳали ҳеч ким билмайди. — У китоб жавонини очиб, тик тахланган китоблар устидан катта конверт олиб узатди. — Инглизчани билардинг, а?
— Сал-пал.

Зоҳид ҳиж ўқиди:
— «Қадрли мистер Сатторов! Сизни Кембриж дорилфунунининг фахрий профессори бўлганингиз билан муборакбод этамиз. Хоҳиш-истагингиз ва имконингиз бўлса, Англияга келишингизни сўраймиз. Сизни дорилфунунимизда бир йил ҳамкорлик қилишга таклиф этамиз. Таклифимизга кўнсангиз, контрактни имзолаб жўнатинг...» Зўр-ку?
— Секинроқ айтасанми?
— Мен сизга далда бериб, кўнглингизни кўтармоқчи эдим.
— Бе... уйни айтяпсанми? Ё академияними?
— Унисини ҳам, бунисини ҳам.
— Унисига ҳам, бунисига ҳам хурсандман, очиғи. Академияда кимлар борлигини биласан-ку? Уйни Пўлатович марҳамати билан олганимда барибир туришим қийин эди. Учала қизимни узатвораман. Эр-хотинга шу уй ҳам бўлаверади, нима дейсан? Хў-ўш, қани ўтир-чи. Чой ичасанми ё қаҳва қилиб берайми? Ё конякдан, а, янги йил баҳонасида?
— Кембрижни ювиш керак.
— Бу гапинг ҳам тўғри.

Ҳабиб Сатторов кўнгил учун таклиф этган эди. Зоҳиднинг гапидан сўнг ўзига ҳам бир ҳўплам қуйди. Зоҳид профессорнинг кам ичишини биларди, шунинг учун бундан ажабланмади. Коняк ўзига хуш ёқди. Томирларида гўё тўхтаб қолган қон юришиб кетгандай бўлди. Сатторов унинг кайфиятини сезиб яна қуйди. Зоҳид учинчи сафар ўзи қуйиб ичгач, мезбон конякни олиб, ошхонага қўйиб чиқди.
— Солмонов ўн саккизинчида ҳимоя қиляпти. Диссертатсиясини яхши баҳолашяпти. Сен ҳам боргин.

Зоҳид «хўп» дегандай бош ирғаб қўйди. Солмонов унинг курсдоши эди. Кириш имтиҳонида ёзма ишни «беш»га топшириб, тарихдан «икки» олиб изига қайтмоқчи бўлганида жонига шу Ҳабиб Сатторов ора кирган. Карра жадвални аранг биладиган, нима учун бу ўқишга кириб қолганидан гарангсиб юрган «толиби илм»лар орасида Зоҳид билан шу Солмонов ажралиб турарди. Зоҳид ўқишни ташламаганида, балки ўн саккизинчида Солмонов билан бирга ёқлармиди... Зоҳид «профессор шунга шама қиляпти», деб ўйлади. Ҳолбуки, Сатторовнинг фикрича, Зоҳид ҳозир докторлик диссертатсиясини ёқлаши лозим эди.

Сатторов «конякдан кейин яхши кетади» деб қаҳва қайнатди. У собиқ шогирдининг авзойига қараб, кўнгли хира эканини сезгани учун «ишлар қалай?» деб сўрамаётган, бу эса Зоҳид учун муддаонинг ўзи эди. Сўралган тақдирда ҳам, гарчи кўнгил ҳасратлашишни истаб турган бўлса-да, «яхши» деб гапни калта қилган бўларди. Фикри-зикри илм билан банд бўлган одамга Асадбек деган зотнинг қўли нечоғли узунлигини, янгиланган прокуратурада ҳам адолат йўқлигини тушунтириш қийин. Умуман, бу дунё қинғирликларини кўравериб кўзлари пишган одамга адолат йўқлигини гапириш осмон юлдузга тўла эканини беҳуда исботлашдай гап эмасми?

Солмонов бекорга эсланмаган эди. Профессор аввал унинг ишларини шарҳлаб берди. Зоҳид ўзининг терговчи эканини бир неча дақиқа унутди. Қаҳва қуйилган пиёлалар четга сурилиб, стол устида қоғоз-қалам, топ-тоза қоғоз юзида эса формулалар тизими пайдо бўлди. Ташқаридан қараган киши чакка ўтиб турган бу совуқ хонада риёзиёт профессори билан прокуратура терговчиси эмас, икки олим дунё ташвишларидан чекиниб, илм бағрига шўнғияпти, деб ўйлаши мумкин.

Диссертатсия шарҳи тугагач, Сатторов Зоҳидга савол назари билан тикилди.
— Калланг жойида, ҳали ҳам кеч эмас, қайт.

Зоҳид қоғоз юзидаги формулаларга қараб ҳазин жилмайди.
— Биласиз-ку, мен камикадземан.

Зоҳид қисқа жавоби билан нишонга урди. Ўқишдан кетаман, деб юрганида бу гапни Сатторов айтган эди. Зоҳид «Камикадзе деган гуржи ким экан, нима учун мени унга ўхшатди», деб ҳайрон бўлиб юрди. Охири бир куни «Камикадзе» деган одам ким эди?» деб сўради. Профессор аввалига мириқиб кулди. «Ҳа, қишлоқи!» деб мазах қилди. Сўнг Камикадзе — грузин эмас, балки иккинчи жаҳон урушидаги мутаассиб япон учувчиларига берилган ном эканини, бу учувчилар самолётга бомба ортиб, изга қайтишга ёнилғи олмай, ўлимга тик боришганини тушунтириб берганди. Зоҳид ҳозир ўша суҳбатни эслатди.
— Камикадзелар бекорга ўлиб кетишди. Япония урушда енгилди. Сен ҳам мағлуб сифатида ўлиб кетасан.
— Адолат учун кимдир ўлиб туриши керак-ку?

Профессор панжаси билан столни бир-икки уриб қўйди-да, ўрнидан турди. Дераза олдига бориб кўчага тикилди.
— Фақат... сен ўлма. Аҳмоқ бўлсанг ҳам шу дунёда яшаб юравер. Бу дунёда аҳмоқлар кўп-ку, тўғрими? — У шундай деб орқасига ўгирилиб Зоҳидга тикилди. — Шуларнинг орасида сен ҳам юрсанг нима қилибди?.. Сени нимага яхши кўраман, ҳайронман. Илмни беҳурмат қилган одамнинг башарасига қарамаслигим керак. Лекин сени кўргим келади. Сен «Ҳабиб акам мени яхши кўраркан», деб талтайма. Сендан нафратланаман. Лекин... кўргим келади. Бир кунмас бир кун ақлингни топиб олишингга ишонсам керак. Ўзи сен тенгиларнинг ҳаммаси аҳмоққа ўхшайди. Нечанчи йилда туғилган эдинг?
— Олтмиш бир эди шекилли? — Зоҳид шундай деб гапни ҳазилга бурмоқчи, профессорни сал шаштидан туширмоқчи эди.
— Ҳа, тўппа-тўғри! Укам ҳам олтмиш бирда туғилган. У ҳам қип-қизил аҳмоқ! Илмни қўйиб, шеър ёзиб юрибди.
— Тарихчи укангизми?
— Менинг биттагина укам бор. Унинг ҳозир қаердалигини биласанми? Жиннихонада! Лекин жиннимас у, мияси бус-бутун. Дунёнинг яралиш формуласини яратибдилар акам. Қарагин-а, — профессор стол ёнига қайтиб, қоғознинг бўш ерига ёзди: (ҳақиқат)=хиёнат+риё (ҳасад+очкўзлик) + шуҳратпарастлик = мансабпарастлик — виждон+имон+диёнат=О. Бунга нима дейсан?

Зоҳид ўйланиб қолди. Бу шунчаки формула эмас, дунё ишларидан зада бўлган юракнинг ноласи эди. Бу нола унинг дардига ҳамоҳанг эди. Зоҳид профессорнинг укаси билан бир-икки марта шу уйда ҳамсуҳбат бўлганди. Унинг тарихни бузиб талқин этилаётганидан куйинишлари, пичингли гаплари, замонни турли махлуқларга ўхшатиши Зоҳидни ҳайрон қолдирган эди. «Бу тузум заҳм билан оғриган фоҳишанинг ўзи. Ҳаммани ўлимга гирифтор қилиб, сўнг ўзи ҳам ўлади», деган гапини Зоҳид кўп ўйлаб юрди. Гап мағзини чаққани сайин унга бўлган ҳурмати ортиб борди. Сўнгги марта уни бир-икки йил олдин қабристонда кўрган эди. Ҳамкасбининг отаси қазо қилиб, жанозага боришганида учратганди. Кўзида ёш билан юрган экан. «Бир ажойиб шоир ўзини осиб ўлдирди», деб йиғлаган эди.
— «Ўзбек бўлиб туғилмаганда, Кўрмас эди шунчалар хўрлик...» деб ёзиб, хор бўлиб ўлди. Ҳаммамиз ҳам хорланиб юраверамизми?! — деган эди. «Шоир нима учун хўрланди?» деб сўрашнинг мавриди эмасди. Зоҳид кейинги учрашганимда сўрарман, девди. Орадан анча вақт ўтиб кетди. У билан кўришмади. Ана энди жиннихонада эмиш... Яратган формуласи...
— Ечими тўғри, — деди Зоҳид, ўрнидан туриб.
— Айтдим-ку, ҳамманг бирсанлар!

Дунё илм аҳлининг эътиборига тушган, аммо ўз юртида турткиланаётган олим ўз тақдиридан нолимай, укаси ва Зоҳидга ўхшаш ёшларнинг иқтидорини тутантириққа сарф этаётганидан куярди. Ҳар тўкисда бир айб деганларидек, бу профессорга математика илми омон бўлса бас, унингча барча ҳақиқат шу илмда. Шу азим шаҳарнинг яна қайсидир мавзеида, яна қайсидир икки хоналик совуқ (балки иссиқдир — Худо билади!), чакка ўтаётган (балки чакка ўтмас) уйда бир физик (балки кимёгар) ҳақиқат фақат физикада (балки кимёда) деб баҳс юритаётган бўлса ажаб эмас. Ҳабиб Сатторов тоифасидаги одамлар учун бу алдамчи дунёнинг ҳийлалари одатий ҳол. Улар бу ҳийлаларга бас кела олмасликларини биладилар. Осмонга отилган тош қайтиб тушгани қанчалик ҳақиқат бўлса, улар учун бу ёруғ оламни тозалаш мумкин эмаслиги шунчалик исбот талаб этмовчи ҳақиқат. Адолат истовчилар Сатторов назарида камикадзе, қайсидир физик назарида эса шамол тегирмонини дев деб фараз қилиб, жангга кирган нодон Дўн Кихотлардир.

Ҳар бир одам дунёга ўз кўзи билан қарайди, ҳар бир нарсани ўз қаричи билан ўлчайди. Оқибатда ўз идрокига хос равишда дунё формуласини яратади. Шундай экан, профессор билан бу соҳада баҳслашиши фойдасиз.

Зоҳид устозининг ҳовури босилишини кутиб, индамай ўтирди. Оёқлари уни бу томонга бошлаганда кўнгли таскин истаган эди. Қизиқ, ҳақиқат учун курашиш фойдасиз деган ақида билан яшовчи одам унга қандай таскин бериши мумкин? У бир йил давомида инглиз илм аҳлини лол қолдириб юради. Бу ерда эса ким кимни ўлдиради, ким мансаб курсисига интилиб ҳамкасбини янчиб ўтади, ким кимни камситади — бу билан иши бўлмайди. Зоҳид шуни ўйлаб, устозидан нафратлана бошлади. Ҳатто шартта туриб, чиқиб кетгиси ҳам келди. Бироқ, фаришталар унинг қилиғига «ўзингни бос, ахир кимдир илм билан ҳам шуғулланиши керак-ку? Адолат деб, тўрт хоналик яхши уй оламан, деб, академик бўламан, деб бир нодон билан олишса, илм нима бўлади?» дея шивирлаб уни шаштидан қайтарарди.

3

Зоҳид профессорникига кираётганида қандай тушкун ҳолда бўлса, чиқаётганида елкасидан босиб турган дард юки бир мисқол ҳам камаймаган эди. Машина ғилдираклари остида эзғиланиб, кирланиб кетган қор эрий бошлаган, гўё атроф балчиққа беланаётгандай эди. Заиф қор учқунлари эса бу ифлосликни қоплаб улгурмасди.

Зоҳид уйга борсамми ё қишлоққа чиқиб кетсамми, деб пича иккиланди. Қишлоқдан кеча кечқурун келди. Бугун борса ота-онаси «нима бўлди?» деб хавотирланишади. Уйда ҳеч ким йўқ — хотини ишда, ўғли боқчада... У яна оёқларига эрк берди. Бизга шундай туюлади: гўё оёқларимизга эрк берамиз, бу эркин оёқлар бизни қайгадир бошлаб боради, гўё қаёққа бораётганимизни билмаймиз. Ҳолбуки, миямиздаги яширин бир нуқта бу эркин оёқларни бошқаради, «у ёққа юрма, бу ёққа юр», деб туради. Ҳозир Зоҳиднинг оёқлари уни (гўё беихтиёр) винзавод томонга етаклади. Билчиллаб эриётган қорларни босиб, кўлмакларни четлаб ўтиб, қоровулхонага ҳам олиб кирди.

Қоровулхона темир панжара билан иккига бўлинган, панжара ўртасида бир қулочли айлана темир эшикча бор эди. Панжара ортидаги эски стол атрофида уч йигит давра қуриб, чойхўрлик қилиб ўтирарди. Улар Зоҳидга бир қараб қўйишди-ю, индашмади. Зоҳид ҳам уларга қараб тураверди.
— Ҳа, укахон, хизмат борми? — деди қўнғиз мўйловли йигит.
— Қилич ака керак эдилар, — деди Зоҳид.

Яхшики қоровул «нима ишингиз бор эди?» деб сўрамади. Сўраб қолганида Зоҳиднинг довдираши тайин эди.
— Қилич акамлар бугун ишга чиқмадилар. Тоблари йўқ, — деди қоровул.

«Билмайдими ё лақиллатмоқчими?»
— Шариф ака-чи?

Қоровул кулимсиради.
— Шариф акангизга беш-ўн йилдан кейин келасиз, укахон.
— Нимага? — деди Зоҳид ажаблангандай.
— Сафарга кетганлар, — деди гапга аралашмай ўтирган қоровул йигитлардан бири. Унинг сўзларини маъқуллаб, шериклари кулишди. Шу пайт завод ҳовлисига олиб чиқувчи эшик очилиб, елкасига сувсар ёқали палто ташлаб олган дўмбоқ жувон қоровулхонага кириб барчанинг эътиборини ўзига қаратди.
— Салимчик, мана буни ёпиштириб қўй, — деди жувон қўнғизмўйловли қоровулга бир парча қоғоз узатиб.
— Сиз ёпиштир, дейсиз-ку, биз ёпиштирмаймизми, — деди қўнғизмўйлов, ўрнидан туриб. Бу ҳазилдан шериклари мириқиб кулишди. — Нима бу ўзи?
— Министрнинг пиркази.

Қўнғизмўйлов чап қўли билан қоғозни олиб, ўнг қўлини аёлнинг думбасига юборди. Жувон «отстан» деб қўлига аста уриб қўйиб, изига қайтди. Қўнғизмўйлов қоғозга кўз югуртирдию ажабланиб шерикларига қаради.
— Ие, вей, — деди у, — бу ёғи алламбало бўп кетди-ку, «Сулаймонов ишдан олиниб, Намозов директор вазифасини бажаришга киришсин...»

Иккала йигит шошиб ўрнидан туриб, қоғозга қаради.
— Биров ҳазиллашгандир?
— Тўхта, — деди қўнғизмўйлов телефон томон юриб. Шунда бегона йигит серрайиб турганини эслаб, унга норози қиёфада боқди. — Ҳеч ким йўқ бугун, эртага келасиз.
— Нима юмушингиз бор эди, ўзи? — деди ҳали гап ташлаган йигит.
— Ишга кирмоқчийдим, — деди Зоҳид.
— Бу ерда иш йўқ, қурилиш-пурилишга боринг, — деди йигит.

Зоҳид бу қимматли маслаҳат учун миннатдорлик билдириб, ташқарига чиқди-да, зинадан пастга тушмай турди. Орқасига бир қараганда қўнғизмўйлов телефонда гаплашаётган эди. Яна бир қараса буйруқ ёзилган қоғозни девортахтага ёпиштиряпти. «Демак, бу ёғи ҳам пишган. Қўнғизмўйлов кимга қўнғироқ қилди? Министрликками? У ердагилар қоровул билан гаплашиб ўтиришармиди? Кимдан сўради? Асадбекданми?»

IX боб

1

Табиббоши Анварнинг гапларини эшитиб, «бари-бир ялиниб келар экансан-ку», дегандай истеҳзо билан кулимсираб қўйди.
— Ўжарлик қилиб чиқмай қолганингизда сизни чиндан ҳам телба деган бўлардим. Ҳозир дўхтирингизга айтаман, қоғоз ёзиб беради.
— Биратўла мажруҳликка чиқариб юбормайсизларми ишқилиб? — деди Анвар хавотир билан.
— Қўрқманг, — табиббоши «ҳолинг шумиди» дегандай яна илжайди, — инвалидликка чиқиш осонмас, яна икки-уч марта келсангиз, ана ўшанда ўйлаб кўрамиз.
— Ҳали яна кўришар эканмиз-да, — Анвар унга кўзини лўқ қилиб тикилди. — Сизни тортиб кўриш янаги сафарга қоларкан-да а? Неча кило гўшт беришингизни билмай чиқиб кетавераманми энди?
— Бас қилинг!..

Табиббоши асабий ҳолда эмас, ялиниш оҳангида айтди бу гапни. Гап оҳанги Анварни ажаблантирди. Бу ерда бошқа қиладиган иши йўқ эди, чиқиб кетаверса ҳам бўларди. Бироқ, табиббоши юзида истеҳзо учқунларининг йўқолиб, кўзига мунг соя ташлаши уни ҳайрон қолдириб жойига михлади. Табиббоши уни ҳайдаб чиқармади.
— Хафалик сизга ярашар экан, кўзларингиз чиройли бўлиб кетаркан.
— Қўйинг, гапирманг, — табиббоши ўрнидан туриб дераза токчасига қатор терилган тувакдаги гуллар олдига келди. Қўлларини қовуштирганича Анварга орқа қилиб турди. Ундан анчагача садо чиқмади.
— Жиннилик ҳам эви билан-да, — деди у ниҳоят. —

Кимлигингизни билмайманми? Сиз аламингизни мендан олмоқчисиз. Мен бир бечора тул аёл бўлсам. Сизнинг эркак деган номингиз бор... — табиббоши шундай дегач, Анварга ўгирилди. — Ҳа, фақат номингиз бор. Гапимдан ранжиманг, ёлғиз сиз эмас, ҳаммангиз... бирсиз... Аслида эркак зоти қолмаган. Ҳаммаёқни хотинчалиш босиб кетган.

«Бу ёғи зўр бўлди-ку? — деб ўйлади Анвар. — Нимага шама қиляпти у, ё қармоқ ташламаганимгами? Қани, эшитаверай-чи...»
— Зўр бўлсангиз, ақлли бўлсангиз, ҳақиқатпарвар бўлсангиз нимага бу ерда миқ этмай ўтирибсиз. Бу ерга юборганларга қарши нима учун бош кўтармадингиз? Ўртоғингиз-чи, у ким? Энди Асадбекка малайлик қиляптими? Сиз чиқиб ким бўласиз? Сиз ҳам Асадбекнинг ялоғини ялайсиз. Яламай кўрингчи!.. — Табиббоши эримнинг куни бошингизга тушади, демоқчи эди, лекин рўпарасида ҳасратдоши эмас, бегона эркак ўтиргани учун бундай демади. Бирданига ёрилиб, шунча гапларни айтворгани ҳам етарли эди.

Табиббоши аслида Элчин келиб-кетганидан сўнг айтмоқчи эди бу гапларни. Сиртдан қараганда беғам, ҳаёт лаззатларидан баҳраманд яшаётгандай кўринган бу дўмбоқ аёлнинг ичи ҳасратга тўла эди. Тўғри, емоқ-ичмоқдан кам-кўсти йўқ. Лекин аёл кишига шунинг ўзи етарлими? Қиморбоз бўлса ҳам эри бор эди. Эртага қайси эркак эркалар экан, деган ўйда яшамасди. Етим тўшакка кирганида кўкраклари ўрганган қўлни қўмсаб зириллайди. Келинлик чоғлари ўрганолмай қийналган ароқ ва сигаретнинг аралаш қўланса ҳидини ҳам соғинади. Унинг дардини фақат ёстиқ билади. Кўзёшларга айланган ҳасратни ёстиқ бағрига сингдирган. Ер қон ичиб тўймаганидек, ёстиқ ҳам ҳасрат кўзёшларини ичиб тўймайди.

Соппа-соғ йигит-қизларнинг бу ерга ётқизилишига у кўника бошлаган эди. Айниқса жиноят қилиб қўйган ёки ҳарбийдан қочирилганлар бу ерга тез-тез келади. Табиббоши бу ҳолдан изтиробга тушмасди. Лекин ҳеч қандай жиноятга алоқаси йўқ, фақатгина тўғри гапни айтишни яхши кўрувчи одамлар келтирилганда ўзини қўярга жой тополмай қоларди. Тўғри, у руҳий хасталиклар бўйича мутахассис эмасди. Лекин одамнинг кўзига, сўзларига қараб эс-ҳуши жойидалигини ажратиш қийин эмас-ку! Анварни дастлаб кўрганида ҳам эси бутунлигини билди. Кейин иш жойи, касб-кори билан қизиқди. «Бу йигитнинг касали — ҳақиқат», деб ўзича ташхис қўйди. Табиббоши бу эси соғ одамга ачинса, у «неча кило гўшт қиларкинсиз», деб масхаралаб юрибди. Табиббошининг алами шундан эди. Гапириб сал хумордан чиққандай бўлди.

Анварга, шубҳасиз, унинг кечинмалари бегона эди. Табиббоши у учун занжирнинг бир ҳалқаси эди холос. Аёлнинг гапларини аламга тўла юрак садоси сифатида эмас, шунчаки гина каби қабул қилди. Табиббошининг «Асадбекнинг ялоғини ялайсиз», дегани товонигача зириллатиб юборди. «Сиз-чи, кимникини ялайсиз, халқлар отасиникиними?» демоқчи бўлди-ю, шу гапни айтса баҳс чўзилишини билиб ўзини тийди. «Жиннихона маликаси» деб ном олган бу дўмбоққина аёл бир нималар деб валдираса жавоб қайтариш шартми, балки мени синамоқчидир, балки гап олмоқчидир, балки учинчи қаватга «кўтариш» учун замин ҳозирлаётгандир...» Анвар шу фикрлар билан ўзини овутди.

Табиббоши Анвардан садо чиқмагач, гапим таъсир қилди, деган хулосага келиб: «Хайр бўлмаса», деди.

Анвар бош ирғаб ўрнидан турди. Бир-икки қадам қўйиб, орқасига ўгирилди.
— Кўришгунчами? — деди кулимсираб.

Табиббоши бу гапни эшитиб, тутақиб кетди:
— Одам эмасакансиз! — деб юзини четга бурди.

2

Ҳаво айтарли совуқ эмасди. Аммо қор учқунларини ўйнатиб юрган шамол «уст-бошингнинг қалинлиги менга чўт эмас, барибир қақшатаман», дегандай одамларга ҳамла қилар эди. Шундай ҳавода пинжагининг ёқасини кўтариб, қўлларини чўнтакларига солиб, шумшайиб қолган йигитга қараб бировлар «еси соғми бу одамнинг» деса, бировлар «йўлтўсарлар ечинтириб олган шекилли», деб ачинарди. Ҳеч ким «бу бечорани кузда жиннихонага худди шу кийимда олиб келишган эди, «хотиним палто олиб келар», деб кутиб ўтирмай чиқиб келаверибди-да», демас эди.

Автобусда Анварнинг жони пича ором олган эди. Пастга тушиб беш-ўн қадам босмай яна қалтирай бошлади. Тез-тез юрса ҳам исимади. Ҳовлисига безгакка учраган одамдай титраб-қақшаб кириб келди. Уйига кирмай, тўғри ҳовли этагидаги онасининг хонасига қараб юрди. «Уйдамикинлар ишқилиб?» деб ўйлади у. Онаси, кўзи ожизлигига қарамай, деворларни пайпаслаб юриб қўшниларникига йўрғалаб қоларди. Маҳалла-кўйнинг иссиқ-совуғидан доимо хабардор бўлиб турган аёл кўздан қолса қийин экан. Уйга сиғмайди. Кўнгил қурғур «ўтирма, қўни-қўшниларникига чиқ, дарди бўлса дардини ол», деяверади. Шунақа пайтда ёмғирми-қорми, иссиқми-совуқми фарқи йўқ— уйдан чиқади.

Эшикка яқинлашганида радиодан чиқаётган овоз эшитилди. «Уйда эканлар» деб ўйлади Анвар енгил тортиб. Эшикни очиб ичкари кириши билан онаси:
— Ким? — деди. Жавоб кутмай сўради: — Анвар, сенмисан?
— Менман, ойи, ассалому алайкум.
— Вой, болагинамдан айланай, келган бўлсанг ўргилай, нимага қалтираяпсан, болам? — у шундай деб ўрнидан турмоқчи бўлди. Анвар тез-тез юриб бориб чўк тушди-да, онасини қучди.
— Вой, болам, юпунлигингча келавердингми? Содиқ акангникига телпон қилсанг бўлмасмиди? Хотининг уйдайди-я, лип этиб кийимларингни олиб борарди. Танчага ўтира қол, ҳа, омон бўлгур-а, шундай келаверганингни қара. — Рисолат кампир Анварни худди гўдакни авайлагандай танчага ўтқазди. Қўлини кўрпа орасига тиқиб чойнакни олди-да, чой қуйиб узатди: Анвар ҳовури ўлмаган чойдан бир-икки ҳўплагач, Рисолат кампир ўрнидан туриб, радиони ўчирди. Сўнг эшикни қия очиб «Хонзода-ю, ҳой Хонзодахон», деб чақирди. Хонзода — Анварнинг кўз очиб кўрган хотини. Асл исми Зеби. Чарлари куни Рисолат кампир «Менинг ўғлим анов-манов боламас, у хоннинг ўзгинаси, келиним эса Хонзода бўлади» деб ҳазиллашганидан бери Зеби — Хонзода бўлиб кетган. Ҳовлидан «Ҳозир, ойижон», деган овоз келди. Дам ўтмай эшик очилиб, Зеби — Хонзода кўринди. Эрига кўзи тушиб «Вой», деб ажабланди. Кейин шошилиб салом берди.
— Кеча... индамовдингиз-ку? — деди ўпкаланиб.
— Кеча номаълум эди. Бугун қарашса, тузалиб қолибман. Сенга рухсат, тўрт томонинг қибла, дейишди, келавердим.
— Тузалиб қолдинг, дейишдими? Олдин касалакансанми, вой омон бўлгур. Ҳай, Хонзодахон, иссиқ кийимларини олиб чиқинг дарров.
— Уйга кирақолинглар... иссиқроқ-да.
— Шу ерда бирпас ўтирсин, танча совуқнинг захрини олади. Оловни титиб қўяй-чи. Шу эр сизники, ман билан бирпасгина ўтирсин, кейин олиб чиқиб кетасиз.
— Вой, ойи, гапингизни қаранг...

Рисолат кампир «бопладимми», дегандай мириқиб кулди.
— Содиқникига чиқиб муллакангизга тилпон қилиб қўйинг. Масковига кетмагандир ҳали. Укасини кўриб кетсин. Ҳай, яна Ҳабиб Сатторович, деманг-а. Муллака денг...

Хонзода: «Хў-ўп, ойи» деб чиқиб кетди. У қайноғаси билан бирга ишлар, кўпчилик «Ҳабиб Сатторович» дегани учун у ҳам уйда баъзан шундай деб юборар, ўрнида узиб оладиган қайнона шубҳасиз, буни назардан четда қолдирмас эди.

Ҳабиб Сатторович Зоҳидни кузатиб, эндигина қоғозларига тартиб бераётганида телефон жиринглади. Укасининг қайтганини, онасининг топшириғини эшитиб, соатига қараб олди — ҳали вақт бор. Тезгина кийиниб йўлга тушди.

Анвар танчанинг иссиғида ҳузурланиб ўтирганида акаси кириб келди. Қучоқлашиб кўришдилар.
— Хафа бўлма, сени йўқлаб бормадим, — деди Ҳабиб. У укасига «боролмадим» эмас, «бормадим», деди. Анвар унинг мақсадини тушуниб, кулимсираб бош ирғаб қўйди. Бироқ, Рисолат кампир «бормадим»нинг маъносини англамай, тўнғичига танбеҳ бера кетди:
— Вой, омон бўлгур, уканг шунча ётиб би-ир мартаям бормадингми? Сенки, бормагансан, хотининг ўзингдан беш баттар. Вой, ман билганимда санларни би-ир қовуриб ташлардим-а! Вой, сан инсофи йўқлар...
— Ойи, — деди Ҳабиб норози оҳангда, — қўйинг энди.
— Нимага қўярканман? Ҳали хотининг келсин. Сен унга маслаҳат солгансан. У «қўйинг, настраенайз бузилади» деган. Сан лақма, кўнгансан.
— Ойи, кеннайим бордилар, — деди Анвар вазиятни юмшатиш учун. — Акамни уришманг, ишлари кўп.
— Тўғри айтдинг, ишларим кўп. Лекин ишим кам бўлганида ҳам бормас эдим. Сабабини ўзинг биласан.
— Сабабини манам билай-чи, қани айт-чи, тилларинг мунча ширин!
— Менинг тилим ширин, ойи. Мана бунингизники заҳар. Шу тили етаклаган уни у ёққа. Бунингиз касалмас. Буни миясинимас, тилини даволаш керак.
— Шунақа дўхтир бўлса бирга борайлик, — деди Анвар қувлик билан, — суякли тилингизни сал юмшатиб берсин. Тилингиз «а» квадрат, «б» квадратдан бошқани айтишга ярамайди.
— Ойи, мени уришишга чақиртирувдингизми? — деди Ҳабиб, бир оз аччиқланиб.
— Сени уришиб туриш керак. Ҳамма айб ўзингда. «Укам ўзи хоҳлаган касбни танласин», дединг, ёнингга олмадинг. Ўзинг дўхтир бўлиб олиб гердайи-иб юрибсан. Етти ёт бегона болаларни олим қилиб юбординг. Укангнинг бири икки бўлмай сарсон.
— Бунингиз карра жадвалини билганда ҳам майли эди... Ҳа, нимага ишшаясан?
— Қўйинг, бу гапларни. Ойим бир гапирдилар-да. Масковга кетяпсизми?
— Ҳа, МГУда бир ой дарс ўтаман.
— Домлангиз ҳали ҳам чақиряптими?
— Чақиряпти.
— Борасизми?
— Балки борарман, сенга нима?
— Масковда ҳақиқат бор, деб ўйлайсизми?
— Менга ҳақиқат эмас, илмий иш учун шароит керак.
— Ҳақиқат йўқ ерда шароит ҳам бўлмайди. Домлангиз бошингизни силагани билган «қора-қуралар насибамизни еб кетяпти», дейдиганлар кўп у ерда.
— Сен сафсатангни қўй. Ҳозир биттаси келиб бошимни қотирувди.

Хонзода кириб, уларнинг суҳбати узилди.
— Меҳмонхонага дастурхон солдим.
— Во-эй, Хонзодахон, эрингизни олиб чиқиб кетмагунингизча кўнглингиз тинчимади-я! — Рисолат кампир шундай деб фотиҳа ўқиди-да, ўрнидан турди. Икки ўғил икки қанотида, ҳовлига чиқди.

Онага икки қанот бўлиб турган ўғилларнинг фақатгина соҳаси бошқа эмас, дунёлари ҳам ўзгача. Катта қанот оҳиста учишни хуш кўради. Кичиги чарх уришни, ўзини довул бағрига уришни истайди. Она учун эса олими ҳам, исёнчиси ҳам бир — ҳар иккови фарзанд! Ҳабиб Инглистон қирол академияси аъзолигига эришиб, Нобел мукофоти билан тақдирланган, Анвар мамлакат жумҳурраиси даражасига етган тақдирда ҳам она учун қулоғига гап кирмас, бевош гўдак бўлиб қолаверади. Дунёнинг сеҳри шундаки, қўш қаноти — икки ўғилнинг феълига қараб туриб уларнинг шу онадан туғилганига шубҳалана бошлайсан. Қош-кўз онага ўхшаса-да, феъл тоғаларига тортган. Анвар катта тоғага ўхшайди. Ҳақиқат излаб топган кўчаси уни турмага бошлаган эди. Тоғаси икки марта қамоқ жабрини кўрган бўлса-да, Анвардан омадлироқ, ҳатто бахтлироқ ҳам эди, дейиш мумкин. Чунки унинг «сиёсий маҳбус» деган номи бор. «Халқ душмани» деб қораланганлар энди «халқ қаҳрамонлари» сифатида эъзозда, Анвар ҳақиқат излаб кирган кўча эса, уни «жинни» деган унвонга сазовор этди. Бу унвон ёрлиғи бир умр ўзгартирилмаса керак.

Ҳабиб ўртанча тоғасига тортган. Урушдан қайтиб келганидан бери кундузи трактор, қуёш ботганда яримта ароқдан бошқа нарсани тан олмайдиган тоғасига қараб туриб, бу бандани ҳам Худо яратганми, деб ажабланасиз. Тўрт йил қирғиндан омон қайтган одам кўкракларини тўлдириши мумкин бўлган нишонларини бирон марта ҳам тақмабди. Бирон ерга ҳақини талаб қилиб бормабди. Немисни узоқдан бир кўриб қолган одамлар эъзозда юрганларида у «нима учун мен қора мойга беланиб юраверишим керак», демабди. Унинг урушга борганини кексароқ одамлар эслашади, ёшлар эса билишмайди. Фақат бир украин, бир чех генерали уни қидириб келишди-ю, шаҳар биқинидаги қишлоқ бир сесканиб олгандай бўлди. Меҳмонлар истаги билан қишлоқ аҳли, қариндошлар тўпланиб қирқ йил сандиқда эски рўмолга тугиб қўйилган нишонлар, суратлар олинди. Унинг Берлинда Черчилл билан тушган сурати барча газитларда босилди. «Ўзбек қаҳрамони», деб кўкларга кўтарилди. Аммо «ўзбек қаҳрамони» бу пайтда у дунё лаззатларидан баҳраманд эди. Генераллар излаб келмасидан икки йил олдин немиснинг ўқи ололмаган одамни ажал далада топди — дориланган ерга кириб ҳушини йўқотганича, худди панадан узилган ўққа дуч келгандай армонда кетди.

Ҳабиб, умри ўхшамасин ишқилиб, шу тоғасига тортган. Олимлар «Йўқдан бор бўлмайди, бордан йўқ бўлмайди», деганларидек, инсон феъли, руҳи ҳам йўқликка ҳукм қилинмас экан. Рисолат кампир болаларидан ўпкалаб, «сен кимларга ўхшадинг, ҳайронман, даданг унақа эмас эдилар» деб қолса, «фалончи тоғамга» деб кулишарди. Шунда Рисолат кампир ўғлининг тоғасига сира ўхшамаслигини исбот қилиш учун акаларининг фазилатларини санаб кетарди. Оқибатда бу «фазилатлар қайси бири сенда бор?» деб сўрарди. Уни бу пайтда тинчлантиришнинг бирдан-бир йўли — «ҳеч қайсиси йўқ» деб тан олиш. Аслида-ку, Рисолат кампир болаларининг кимга тортганини яхши билади. Билгани учун ҳам кўнгли тўқ. Ҳар ҳолда эрининг уруғларига тортмади-ку. Рисолат кампирнинг қайнилари, қайинсингиллари муттаҳамроқ — безрайиб туриб ёлғон гапираверишади. Худо Рисолатга раҳм қилиб, фарзандларини уларга ўхшатмади.

Бу дунё азобидан етарли тотган Рисолат «кўзларимдан нурни олган парвардигор жонимни қачон олар экан», деб юрганида кичигининг «жинни бўлиб қолганига» асти чидай олмади. Унинг дардларига ҳовли этагидаги ўша танчали уй гувоҳ. Кўришга ярамай қолган кўзлар йиғига яраб турганига ҳам баъзан шукр қилади. У Анварнинг ишхонасидаги гап-сўзларни, халқ отасининг найрангларини билмайди. «Ўғлим тирноққа зор бўлгани учун сиқилиб касалга чалинган», деб ўйлайди. Институтдаги аҳволни Ҳабиб ҳам аниқ билмайди, аммо ўзича тахмин қилади. Мана энди ўғлининг «тузалиб келганидан» хурсанд она икки қанотида икки ўғли билан ҳовлини кесиб ўтиб, меҳмонхонага боряпти.

3

Ҳабиб бир пиёла чой ичдию сафарга ҳозирлик кўриши лозимлигини айтиб ўрнидан турди.
— Тўхта, ўтир, — деди Рисолат кампир. — Ўрис бўлиб черковинг йўқ, мусулмон бўлиб мачитинг йўқ, сан боланинг. Дўмга бориб мусулмончиликдан чиқдинг. Дуо олиб кетмайсанми? — шундай деб фотиҳага қўл очиб узундан-узоқ дуо қилгач, Ҳабиб унинг ёноқларидан ўпиб қўйди. Кўчага қадар кузатиб чиққан укасига қўл узатди-да:
— Каловланиб юрганинг ҳам етар, а? Аввал ҳақ гапни айттиришмайди, деб нолирдинг. Ёлғон гап билан тарих илмини яратиб бўлмайди, дердинг. Энди ҳам шароит етилмадими? Ҳаммаёқни ошкоралик босиб кетди-ку? Шоирчилигингни йиғиштириб, илм билан шуғуллан. Кейин афсусланасан. Бунақа шароит узоқ давом этмаса керак, — деди.

Анвар акасига қараб жилмайди-да: «Худо пошшо!» деб қўйди.

Акасини кузатиб келиб, онаси билан икки оғиз сўзлашишга улгурмай, дарвоза қўнғироғи бир узун, икки марта қисқа-қисқа жиринглади.
— Ҳофиз ўртоғинг келди, — деди Рисолат кампир.

Анвар ўрнидан туришга улгурмай, ҳовлида Элчин пайдо бўлиб, «Мирзо Анварбек!» деб чақирди. Мактабда ўқиб юришганида ўртоқлари уни «Мирзо Анвар», кўнгил қўйган қизи Лолани эса «Раъно» деб чақиришарди. Болалик сурури мозийга кўчган бўлса ҳам Элчин дўстини эркалагиси келганда «Мирзо Анварбек!» деб йўқлар эди. Ҳозир ҳам лутф билан шундай деб кириб келиши Анварни ийдириб юборди.
— Опоқижон, қувониб ўтирибсизми? — деди Элчин, кампирнинг дуосини олгач. — Бир ошнамдан хабар олай девдим, ният холис-да, ўзи келиб қолибди.

Анвар унга қараб «қувлигингга қойилман», дегандай бош ирғаб қўйди. У ё табиббошига қўнғироқ қилган, ё ўзи яна бориб келган. Анварнинг қайтганини билиб кирган. «Ният холислигига» кампирни ишонтирди, аммо Анварни лақиллата олмади. Шунга қарамай Элчин Анвардаги ўзгаришларга парво қилмади. Худди уни эмас, опоқиси Рисолат кампирни кўргани киргандай лақиллаб ўтираверди. Анварга «яхши келдингми?» дейишдан бошқа сўз айтмади. Кампирнинг ёнига ўтириб олиб, гапни аҳволи оламдан бошлаб, сўнг бармоқларини шақиллатиб «ёввойи тановар»ни хиргойи қилди. У гаплари билан кампирни чарчатдими ё кўпни кўрган сезгир Рисолат икки ўртоқнинг ўз гаплари борлигини фаҳмладими, ҳар нечук Элчиннинг нафас ростлашини кутиб туриб, суҳбатни узди.
— Энди мен уйимга чиқай, ўрусча усталингда белим қотиб қолди. Санлар гурунглашиб ўтиринглар. Аммо ичманглар. Анваримга сираям ёқмайди. Сан, ҳофиз болам, тўйма-тўй юриб, ичишга ўрганиб қолгансан. Санам ташлагин ичкиликни.
— Отлиққа йўқ-ку, ҳозир, — деди Элчин кулиб.
— Қассобга мол қаҳатми, вой болам, санларни биламан-ку, томоқларинг қичишса ернинг тагидан бўлсаям топасанлар. Шири-ин гаплашиб ўтиринглар. Мана, Худога шукр, сан оқланиб келдинг. Ўртоғинг ҳам келди. Энди сан уйлангин, болам. Ўртоғингнинг қайинсинглисини би-ир кўргин. Ҳусни ҳам, ақли ҳам бебаҳо. Қайнонаси ношукр банда экан, сиғдирмай турмушини бузди. Битта ўғли бор — оламга татийди. Сан хўп десанг, бўлди, бу ёғини манга қўйиб бераверасан. Худо хоҳласа, бахтинг очилиб кетади. Кўнглим сезиб турибди, ўртоғингнинг ҳам бахти очилади. Шу боламнинг боласини би-ир ўпиб кейин ўлсам армонсиз кетардим. Худо «шу неварангни кўрасан» деб жонимни сақлаб турибди-да...

Рисолат кампир кейинги гапларини йиғламсираб айтди. Қайинсинглисидан гап очилганида Анвар «Элчинбой катта одамга куёв бўладиган, жувонга эмас, қизга уйланадиган йигит, уни ерга урманг», деб бир узиб олмоқчи бўлди-ю, онасининг кайфияти бузилганини билиб, индамади.

Фарзанддан гап очилса, Анварнинг ҳам юраги сиқилади. Дастлаб таниш-нотанишлар «бола-чақа омонми?» деб сўрашганида ўнғайсизланиб юрди. Фарзандсизлик катта гуноҳдек туюлди. Шунда хотинининг гапига кириб даволанмоқчи ҳам бўлди. Кейинчалик бола боқиб олишга розилик ҳам берай деди. Аммо ён-атрофдаги разилликларга дуч келавергач «шу азобларга гирифтор қилиш учун бола кўраманми», деб қайсарлик қилди. Аста-секин «бола-чақа омонми?» деган сўроққа бош ирғаб қўяр, кайфияти яхши бўлса «юришибди дўмбиллаб», дерди. «Болалардан нечта бўлди?» деб сўраб қолинса «қайси хотиндан?» деб ҳазилга бурворадиган бўлди. Фақатгина онаси гапир-ганда юраги сиқилади. Унга «умид қилманг», дея олмайди. Гўё умид узилса, жони ҳам узиладиган- дай туюлади — «майли, умид билан юраверсинлар...»

Анвар онасини қўлтиқлаб, ҳовлига олиб чиқди.
— Мани судрамай қўйворавер, йўлни ўзим топаман, — деди кампир. — Ўртоғингни ёлғизлатма. Кўнглини кўтар, бояқишнинг. Бир амаллаб қайинсинглингни кўрсат. Қудаларимни ўзим кўндираман. Қамалган бўлсаям яхши бола. — Кампир шундай деб кўзи очиқ одамдай ўзи юриб кетди. Анвар онаси уйга киргунча изидан қараб турди. Рисолат кампир остона ҳатлаб ўтиб орқасига ўгирилди:
— Нимага қоққан қозиқдай турибсан, кир ичкарига!

Анвар буйруққа итоат этиб, уй томон қадам босганида қўнғироқ жиринглади. Уч тавақали дарвозанинг ўрта қаноти очиқ эди. Анвар қўл қовуштириб турган қўшнисини кўриб, чеҳраси очилди.
— Э, келсинлар, Ҳожиқори ака, — деб пешвоз чиқди.

Рисолат кампир меҳмоннинг овозини эшитиб, уйи эшигини очиб, ўша ерда туриб сўрашди-да:
— Мошинангиз топилдими, қори болам? — деди.
— Топилди, холажон, Худога шукр, топилди.
— Яхшиликка буюрсин. Ҳалолга келган нарса йўқолмайди. Қани, киринглар, Анваржон, бошла уйга.

Элчин Собитхон қорини аввал кўрмаган, у ҳақда эшитмаган ҳам эди. Шунинг учун «ким экан бу мулла, нима қилиб ивирсиб юрибди?» деб ўйлади. Қорининг маънодор кўзлари унга киборлик билан боққандай туюлди. Собитхон қори қисқагина дуо ўқигач, Анвардан ҳол-аҳвол сўради.
— Кўчада мулла Ҳабибхон акани иттифоқо учратиб, бу кўнгилхуш хабарни эшитдим. Мавриди бўлмаса ҳам, йўқлай дедим. Узр, суҳбатларингизга халал бердим. Сизни бир бориб кўролмадим, бунинг учун ҳам минг бор узр. Аммо ҳар вақт дуоларда жумла дардмандлар қаторида сизга ҳам шифо тиладим.
— Қуллуқ, тақсир, бу... мошинага нима бўлди?
— Э, нимасини айтасиз. Одамлардан иймон кўтарилса шу-да. Ҳовлидан олиб чиқиб кетишибди. Ғафлатда қолибмиз. Ўзим юргизолмай гаранг эдим. Қандай миниб кетишди экан, ҳайронман.
— Қайтаришдими ахир?
— Қайтаришди, бинойи юряпти, денг, — қори шундай деб мийиғида кулди.
— Тузатгани олиб кетишган экан-да, а? — деди Анвар ҳазиллашиб.
— Кошки эди, кошки эди, — деди қори жилмайиб, — бу бир ғаламисларнинг иши. Асадбек деган одамни эшитганмисизлар?

Бу гапни эшитиб Анвар билан Элчин кўз уриштириб олишди. Қори буни сезмай, сўзини давом эттирди:
— Шу одам денг, маҳалласида масжид солдираётган экан. Имомликка чақиртирди. Бормадим. Ҳаром пулларга қурилган масжидда намоз ўқиб, охиратимни куйдирмайман, дедим. — Қори кейинги гапларни ғурур оҳангида айтиб «боплапманми!» дегандай Анварга қаради. Анвар суҳбатга қўшилишга улгурмай кутилмаганда Элчин сўз бошлади:
— Чакки қилибсиз, биродар, — деди у.

Собитхон ялт этиб нотаниш мезбонга қаради. «Қори ака», «Ҳожиқори ака», «Домлажон», «Тақсирим» деган мурожаатларга кўниккани учун ўзидан икки-уч ёш катта одамнинг «биродар» дейиши унга эриш туюлди. Элчин ундаги ўзгаришни пайқамай гапини давом эттирди:
— Пулнинг ҳалол-ҳароми бўлмайди. Ҳар ким ўз билгича топади. Лекин пулни ҳаром-харишга ҳам, савобга ҳам ишлатиш мумкин. Топган пулига масжид қурдирибди, иморатда нима гуноҳ? Шу пулларни еб-ичиб, айш-ишратга сарф этса ҳам бўларди-ку?
— Сизнинг қаричингиз билан ўлчанса шундайдир. Аммо Аллоҳнинг уйи ҳалол пешона тери билан топилган пулга қурилмоғи лозим.
— Қайси масжид шундай қурилган? Пешона тери эвазига топилган пул қорин тўйғазишга етмайди ҳозир, сиз мачит қуришдан гапирасиз. Асадбекдан бекорга гумондор бўласиз. У бунақа майда ишларни ўзига эп билмайди.
— Во ажабо, ўзи ҳам менга шу гапларни айтди. Аммо унга учрашганим ҳамон мошинам топилди-да?
— Топдириб бергандир.
— Сиз уни танийсизми? Уни жуда авайлаб гапиряпсиз? Пирингиз эмасми, мабодо?

Анвар Элчинга сўз бермаслик мақсадида гапни илиб кетди. Таништирмагани учун узр сўраб, дўстини таърифлаб берди.
— Элчин сизмисиз? — деди қори маънодор қилиб. — Ашулаларингиз ёдимда. Ҳозир кўп ҳамкасбларингиз ислом йўлига ўтиб ибрат бўлишяпти.

Элчин бир гапдан қолиб, «ҳа», деб қўя қолса бўларди. Бироқ, «исломга хизмат қилаётганлар»нинг кимлигини яхши билгани учун ўзини тутиб туролмади:
— Ҳамма номаъқулчиликларни қилиб кўриб, энди мусулмон бўлиб қолишибдими? Нима эди, ўғри қариса сўфи бўларканми?
— Қаттиқ кетманг, биродар. Гуноҳлари бўлса, Аллоҳ олдида ўзлари жавоб берадилар. Ашула бошлашларидан аввал «бисмиллоҳир раҳмонир роҳийм» дейишларининг ўзи улуғ савоб.

Элчин бу гапни эшитиб кулиб юборди, бу кулги қорини ғазабга солди. Анвар уларни муросага келтириш йўлини топа олмай каловланди.
— Кулманг, биродар, гуноҳга ботманг, — деди қори асабий оҳангда.

Элчин кулгидан бирдан тўхтаб, унга жаҳл билан тикилди.
— Қошу кўзингдан аканг айлансин, қачон қўйнингга кираман, қўлимга қачон қўнасан, дейиш учун ҳам бисмилло айтиш керакми? Сизга шу найрангбозлик ёқадими? Ҳеч бўлмаса динни найранглардан тозалаб қўйинглар.

Собитхон қори «астағфируллоҳ!» деб пичирлаб, «бу иблиснинг дастёри» билан баҳслашишнинг фойдасизлигини англади-да, Анварга қаради:
— Чиндан ҳам бемаврид кирибман. Анваржон, менга рухсат, — у рухсатни кутмаёқ, фотиҳага қўл очди, — барчамизни Аллоҳ таборака ва таоло иймонда ва исломда барқарор этсин, овмин...

Элчин одоб юзасидан туриб, хайрлашмади, ўтирган ерида бош ирғаб қўя қолди.
— Нимага унга осиласан, арпангни хом ўрганми? — деди Анвар, қорини кузатиб қайтгач.

Элчин қўл силтаб қўйди.
— Ҳаммаси найрангбоз. Қуръонни шариллатиб ўқиб, барчани маҳлиё қилади-ю, бу ёқда маишатдан бўшамайди. Менга биттаси айтувди: қиёматда имомлардан тутантириқ қилинар экан. Тушундингми, дўзах оловини ёқиш учун шу имомлар тутантириқ бўларкан. Биринчи шулар ёнади. Чунки сен билан мен билмай гуноҳ қиламиз. Булар билиб туриб қилишади. Ҳар- ҳолда мен шу имомингдан кейин ёнаман дўзах ўтида.
— Собитхон сен айтган тоифаданмас, уни бекор ранжитдинг. Илми пухта, бировдан бир танга таъма қилмайди. Миллат деб жонини беришга тайёр. Бунақалар кам...
— Қўй, ўшанингни, — Элчин шундай деб яна қўл силтади.
— Мана, Асадбек акангнинг илтифотлари билан «тузалиб» чиқдим. Менда нима ишинг бор?
— Сендами?.. Сенда ишим йўқ... Энг муҳим ишим шуки, уйингда тухум босиб ўтир, опоқимга яхши қара, дуоларини ол. Бошлиғинг билан ўйнашма. Бераётган ваъдаларига ишонма. Ваъда дегани бир қопқон, сенга ўхшаган лақмаларни осон илинтириш учун ўйлаб топилган. Ҳақиқат учун курашиш сенинг қўлингдан келмайди. Буни менга қўйиб бер.
— Ҳақиқат учун курашувчи бўлиб олдингми, ҳали? Ҳақиқат бечоранинг куни сенга қолибдими? Курашганингиз ҳозирги гапларингиз-да, а?
— Пичинг қилишга устасан. Тилингдан заҳар томиб туради. Кўп ўқигансан-у, заррача уқмагансан. Дунё файласуфларинг ёзиб кетгандай бўлмайди ҳеч қачон. Қайта қуришларига ҳам ишонма. Бўрилар бир юмалаб қўйга айланишган. Лекин бу қўйлар ўт емайди, гўшт ейди. Тушундингми! Сенга ўхшаган лақмаларнинг гўштини ейди.

Хонзода икки косада мастава кўтариб кирмаганида икки дўстнинг суҳбатидан тутун чиқар эди. Элчин овқатнинг иссиқлигига қарамай, тез-тез хўриллатиб ичди. Илгари бундай эмас эди. Қошиқни тоза сочиқда артиб, овқат ичидан тилла қидиргандай обдан аралаштириб совутиб, эзмаланиб ичарди. Анвар дўстидаги бу ўзгаришни кўриб, «қамоқнинг таъсири-да», деган хулоса чиқарди.

Элчин Анварнинг имиллаб овқат ейишини кузатиб ўтирди. Коса бўшагач, «зарур ишларим бор, кейин келаман», деб қўзғалди.
— Тўй қачон? — деди Анвар.
— Яқин қолди. Қамишдан белбоғ тайёрлаб тур.
— Қайинсинглимни кўрасанми?
— Кейин... кейин, бир гап бўлар... — Элчин шундай деб, хайрлашиш учун қўл узатди.

4

Соғинч ҳислари андак ором олгач, Хонзода уйқуга кетди. Қарийб икки ой қаттиқ каравотда ёлғиз ётишга кўникиб қолган Анварга икки кишилик юмшоқ каравот торлик қилиб уйқу бермади. Хотинининг енгил пишиллашини кўрпа-ёстиқ ўзига ютмай, аксинча янада кучлироқ жаранглатиб Анварнинг қулоғига ургандай бўлаверди. Бутун хона хотинининг нафасига тўлиб кетгандай, тоза ҳаво қолмагандай туюлди. Ҳолбуки, хона баҳаво, Хонзоданинг енгил пишиллашига эътибор бермаса ҳам бўларди. Уни безовта этаётган нарсалар аслида булар эмас. Жиннихонадаги бедор тунлар, қуюн ўрамидай ёпирилиб келувчи хаёлларга банди бўлиш, учинчи қаватдан келаётган бақириқлар — ҳаёти мазмунини белгилаб қўйгандай, у айнан шундай яшашга маҳкум этилгандай эди. Анвар бедорлиги ана шу маҳкумлик меваси эканини англамай, бунга бошқа сабаблар ахтарди. У ён-бу ёнига ағдарилавериш ҳам жонига тегиб, ўрнидан турди. Жиннихонада бундай кезларда суҳбатлашувчи навбатчи ҳамширалар бўлишарди. Жимликни пораловчи бақириқлар эшитилиб турарди. Ҳарҳолда тириклик белгилари мавжуд эди. Уйида эса, наинки ўз уйида, балки бутун маҳаллада осудалик.

Хонзода эрининг турганини билди. Кўзини салгина очиб қараб қўйди-ю, индамади. Бир оздан кейин яна уйқуга кетди. Унинг пишиллаши тингач, соатнинг чиқиллаши босқондан тушаётган болғадай жаранглаб миясига урила бошлади.

Анвар ётоқдан меҳмонхонага чиқди. Қанча ўтирганини билмайди. Бир маҳал уйи ёриша бошлагач, юраги ҳаприқиб ўрнидан туриб кетди. Оппоқ нур юқоридан пояндоз сингари тушиб оёқлари остида тўхтади. Анвар бу сафар қўрқмади, оёқ-қўллари музламади. Ёқимли овоз келишини кутди. Овоз ҳаялламади:
— Сен биздан қочиб келдингми?
— Мен... ўз уйимга келдим.
— Ёлғон гапирма. Сен бизга ишонмаяпсан. Ўзингни руҳий хаста деб ҳис қиляпсан. Биз билан учрашганингни кимга айтсанг ҳам у сени жинни деб ҳисоблайди. Сен яшаётган дунё шундай тузилган: ҳақиқатга ишонишмайди. Ҳақиқатни айтсанг — жиннига чиқаришади. Фақат бизнинг сайёрамиздагина ҳақиқат бор — бунга шак келтирма. Сен биздан қочма, сайёрамизга бутунлай кетишга ҳозирлан.
— Нима қилишим керак?
— Ўзингни жисмонан маҳв этишинг лозим.
— Ўлдиришим керакми?
— Ҳа. Бу бизнинг асосий шартимиз. Юрагинг уришдан тўхтамай туриб, жонингни олиб чиқиб кетамиз. Сени ерликлар унутишлари лозим. Жисминг маҳв этилмаса, Зурруда жонинг ором топмайди. Сен учун бошқа йўл йўқ. Бобонг ҳам шу фикрда.
— Бобом? Қайси бобом?
— Ҳозир кўрасан, нурга қадам қўй.

Анвар беихтиёр равишда дераза томон қадам қўйди. Кўкрагидан бир нима узиб олингандай бўлди. Нур унинг руҳини кўз илғамас юлдуз — Зурру сайёраси томон олиб учди. Меҳмонхонада унинг фақат тошқотган гавдасигина қолган эди. Гўё ҳайкалга айланганини ўзи билмайди. Бир қанча вақт ўтгач, хотини уйғониб, ундан хавотирланиб, хабар олгани чиқади-ю, бу манзарадан даҳшатга тушади. Бу ҳақда кейин сўзлаймиз. Ҳозир Анварнинг руҳи изидан боришнинг айни пайти.

Бу сафар Анварнинг кўз ўнгида бутунлай ўзга манзара пайдо бўлди: чўққиларидан қор аримаган тоғ. Тоғнинг нақ киндигини ёриб чиққан шаршара. Унинг ёнида тўрт одамнинг қулочи етмайдиган чинор. Дарахтнинг бахайбат шохлари остида ёғоч сўри. Сўрида Анвардан бир-икки ёш каттарок йигит китоб ўқиб ўтирибди. Анвар уни қаердадир кўргандай эди — кимгадир ўхшатди. Кейинроқ, руҳи уйига қайтгач, бир сирни аниқлайди — у ўзига ўхшарди. Бу ҳақда ҳам сўнгроқ сўз юритамиз. Ҳозир эса... Анвар салом берди. Мўйловли йигит бошини кўтарди:
— Келдингми, болам? — деди у. Анвар ажабланди: «Қанақасига мен унга бола бўлай?» Мўйловли йигит унинг фикрини ўқигандай жилмайди. — Сен менинг набирамдайсан. Амир мени осмай, мен бу ерга келиб қолмаганимда, балки сен менинг набирам бўлардинг. Шоакбар Зуннуний деган одамни эшитганмисан?

Анвар унга яхшироқ тикилди, шундай жадидни эшитган эди. Бухоро амири дорга торттирган зиё аҳли орасида Шоакбар Зуннуний исмли зотнинг буюк салоҳият эгаси бўлгани ҳақида тарих китобларида бир қанча сатргина бор. Зуннунийдан на бир мерос, на бир сатр асар қолган. У ҳақдаги хотиралар ҳам узуқ-юлуқ эди. Анвар қисқа сатрлар орасида улуғ синоат яширинган бўлиши мумкинлигини ўйлаб кўрмаган экан. Агар ҳозир ўзини Шоакбар Зуннуний деб танитган мўйловли йигит «мен ҳақимда нималар биласан?» деб сўраб қолса Анвар жавоб бера олмай изза чекарди. Бахтига, бундай савол берилмади. Зуннуний гапини давом эттирди:
— Ҳадича бувингнинг кўз очиб кўрган эри менман. Биз уч фарзанд кўрдик, аммо улар пешонамизга сиғмади. Мен осилганимдан сўнг бувинг бобонг Жамолиддинга тегди. Сен хафа бўлма, тўғрисини айтишга мажбурман. Жамолиддин менга ҳамсоя эди. Ҳатто ҳамфикр эди. Биз Ватанни ўрус подшоси зулмидан озод этмоқ йўлига жон тиккан эдик. Бухоро тасарруфидаги ерларда фуқарога зиё бермак истагида юрган онларимизда ҳибсга олиндик. Фақат Жамолиддин тирик қолди. Англаяпсанми?..

Анварнинг қулоғига ёқимли овоз келди:
— Бу гапларга ишон. Буларнинг барчасига биз гувоҳмиз. Бобонг хоинлик қилиб имонини сотгач, шўролар хизматига ўтди. Бувингга уйланди. Зуннунийдан қолган қўлёзмаларни бузган ҳолда таҳрир этиб, шўролар мақсадига мослаб нашр эттирди, шу йўл билан шуҳрат топди. Оқибатда сохта шуҳрати ўз бошини еди. Ўттиз еттинчи йилда шўролар унинг садоқатли хизмати учун ҳибсга олиб, туманли юртга юбордилар. Совуқда очлик азобига чидолмай хор бўлиб ўлди. Онангда унинг хатлари сақланган. Ишонмасанг, ўқиб кўр.
— Сен бобонг билан фахрланиб юрардинг, — деди Зуннуний. — Менда бу ҳисни ўлдириш нияти йўқ. Жамолиддин қизилга хизмат қилишнинг улуғ хато эканини англаб, бу сафар виждонига хиёнат этмади. Биродарларини сотмади. Мен ундан рози бўлганман. Сен ҳам уни лаънатлама. Инсон умри хатолардан иборат. Мунофиқлик ҳеч замон жазосиз қолмайди. Ҳозир тили бошқа, дили бошқалар даврасида азият чекяпсан. Сен тушкунликка берилма. Халқ фидойиси ниқобида яшовчилар ҳаётларини азобда якунлайдилар. Оқибатда ниқоблар йиртилгуси, уларнинг асл қиёфалари кўрингусидир. Халқни ҳеч бир замонда ҳеч бир мунофиқ алдай олмаган. Дунё сохта фидойиларни кўп кўрган, бундайлар ҳали яна кўп чиқади. Ер юзидаги кураш сира барҳам топмайди.
— Мен нима қилай, ночорман-ку? — деди Анвар.
— Ночорсан, биламан. Сен менинг ёнимга келасан. Унгача бир иш қиласан: катта тоғангнинг чордоғида, эски-тускилар орасида кўҳна китоблар, қоғозлар ҳам бор. Қоғозлар — менинг қўлёзмаларим. Бобонг ҳам, бувинг ҳам уларни сақлашган. Китоблар орасида ўрус аскарларининг Тошкентдаги жанглари тасвирланган асар бор. Жамолиддин уларни нашр этишга қўрққан. Уни сен халққа етказ. Мен сенга оқ фотиҳа бераман. Ишларинг ўнгидан келади. Мана бу китобни ол, сенга йўлдош бўлсин.

Зуннуний ўқиб ўтирган катта китобни Анварга узатди. Китоб Анварнинг қўлига ўтиши билан бир ёруғлик таратдию кичрайиб, кафтдай бўлиб қолди. Шунда Анвар яна ёқимли овозни эшитди:
— Биз сени холи қўямиз. Биз билан учрашишни хоҳлаб қолсанг — кўришамиз.

Анвар гапга оғиз жуфтлашга ҳам улгурмади.
— Жоним болам, жон болам, мени қўрқитмагин, Анваржон.

Анвар онасининг овози қаердан келганини дафъатан англамади. Ҳуши ўзига келгач, юзларини силаётган онасини кўрди-ю аввалига ажабланди. Ёнида турган Хонзодани кўриб, нима воқеа юз берганини тушунди.
— Ойижон, қўрқманг, хаёлга берилибман, — деди вазиятни юмшатиш учун.
— Вой, болам-эй, хаёлинг ҳам бор бўлсин-а, кимлар билан гаплашдинг? — деди Рисолат кампир, ўғлини қучоғидан бўшатмай.
— Нима дедим?
— Гапларингга тушуниб бўлмайди, бир нарсалар деб ғўлдирадинг-а, болам. Сени бир ўқиб юбориш керак. Инсу жинслар тинчлик бермаётганга ўхшайди.
— Ойи, ўтириб олинглар, — деди Хонзода, синиқ овоз билан.

Она-бола диванга ёнма-ён ўтиришди. Рисолат кампир, ўғлининг юзини силаб, елкаларини уқалаган бўлди.
— Ойи, Шоакбар Зуннуний деган одамни эшитганмисиз? — деб сўради Анвар, онасининг қўлларини ушлаб.
— Зуннунийми? Адам раҳматлининг шунақа ўртоқлари бўлган экан. Ўлиб кетган бўлса ҳам адам раҳматлининг бошларига бало ёғдирди. Халқ душмани бўлган экан-да, бояқиш.
— Бувим Зуннунийни гапирармидилар?
— Ҳа, энди гапирган бўлсалар гапиргандирлар, эсимда турибди, дейсанми?
— Бувимнинг биринчи эрлари Зуннуниймиди?
— Вой, худойим, сан буни қаёқданам била қолдинг? Санга айтувдимми?

Анвар кўрган-эшитганларини айтса онасининг эси оғиб қолиши мумкинлигини билиб, «болалигимда айтувдингиз, шу эсимга тушиб қолди», деди. Рисолат кампир ўғлининг косасидан чиққудай бўлиб катта-катта очилиб турган кўзларини кўрмайди. Аммо Анварнинг баданида сўниб улгурмаган енгил титроқдан аҳволини яхши билиб ўтирарди.

Хонзода эса эрининг кўзларидан нигоҳини узмай қўрқувдан титрайди, хаёлида бир фикр чарх уради — «ҳали яхши тузалмаган эканлар».
— Ойи, бувамни қамаб, қайси томонга олиб кетишган?
— Айтганман-ку, Туман деган жойга. Офтобнинг кўринишидан кўринмаслиги кўп, Худонинг қарғиши теккан жойлар экан.
— Ҳа... Тюменми?.. Хат ёзармидилар, хатлари борми?
— Бор.
— Нима учун менга кўрсатмагансиз?
— Сенга керакмиди? Ман қаёқдан билай, ўзинг сўрамаган бўлсанг...
— Ойи, дамингизни олинг. Менам озгина ухлай.
— Ҳа, шунақа қилгин, болажоним. Хонзодахон, болам, сиз Робияхонга айтиб қўйинг, Собитхон манга бир кўриниш берсин.
— Ойи, керакмас, — деди Анвар, онасининг муддаосини фаҳмлаб.
— Сан жимгина ўтиравур. Мани ишимга аралашма. Нима қилишни ўзим биламан. Ўжарлик қилмай, нафаси ўткир домлага ўқитворганимда шунча вақт баннисада ётмасидинг. Шу замоннинг дўхтирларига ишониб бўларканми, ҳаммаси порага ўқиган. Қараб тур, отдай бўлиб кетмасанг, нима десанг де.

Рисолат кампир ўрнидан турди-да, ўнг қўлини олдинга чўзиб эшик томон юрди.

Хонзода қайнонасини кузатиб келганида Анвар жойидан жилмай ўтирган эди. Хонзода эрининг ёнидан жой олиб, елкасидан аста қучди.
— Қўрқиб кетдингизми? — деди Анвар. Хонзода жавоб бермай елкасига юзини қўйди. — Қўрқманг, бу касаллик эмас. Мен ҳам аввалига руҳим шикастланибди, деб қўрқувдим. Нима бўлганини билдингизми?
— Дераза олдида қотиб туравердингиз. Чақирсам ҳам эшитмадингиз. Кейин... қўрқиб... ойимни чақириб келдим. Ойим келганларида қўлингиздан олов чиқиб кетгандай бўлди. Яхшиям ойим кўрмадилар. Бўлмаса юраклари ёрилиб кетарди.

Анвар хотинини қучиб, эркалаган бўлди:
— Сиз сира қўрқманг. Мен жинни эмасман. Нима бўлганини сизга кейин айтаман. Ҳозир айтганим билан, ишонмайсиз. Тонг отса тоғамникига бориб келаман. Агар рост бўлса...
— Нимани айтяпсиз?
— Кейин...

Х боб

1

Асабдек бир туш кўрди: ўзи мозорда турган эмиш. Ўркач-ўркач қабрлар оқ туяларга айланиб, карвон бўлиб тизилиб кетаётганмиш. Оқ туялар кўзида ёш бор эмиш, туялар қабристонни тарк этгач, бўрон турганмиш. Қуюн дўмпайиб турган қабрларни худди қозон қопқоғидай очиб, мурдаларни суғуриб олиб, қиёматни бошлаб юборганмиш. Мурдалар тўзиган хазон сингари Асадбек атрофида чарх урармиш...
— Адаси... Адаси...

Шу ерга келганда Манзура уни елкасидан аста силкиб уйғотди.
— Вой, ёмон туш кўрдингиз-а, астағфируллоҳ денг.

Асадбек хотинининг гапини икки қилмай, ичида тавба деди. Манзура унинг пешонасидаги терни кафти билан артди. Асадбек қўрқинчли тушларни кўп кўрарди — дам уни бўғизлашарди, дам осишарди... Баъзан босинқираб, дод деб ўйғонарди, дам қўрқувдан терлаб, типирчилаб қолганида хотини уйғотарди. Бугунги туши, аввалгиларига солиштирилганда, унча даҳшатли эмас. Оқ туялар тизилиб кетишди. Қабристон жунбушга келди... Асадбек кўрган тушини хотинига айтди.
— Вой ўлмасам, — деди Манзура, пастки лабини тишлаб, — туялар чиқиб кетишдими?
— Чиқиб кетди. Ҳа, ёмонми? — деди Асадбек соддалик билан.

Манзура эри учун таъбирчи бўлиб қолган эди. Туш йўйиш унга она мерос. Фариштадай оқ кўнгил бу аёлга қўшнилар ўз сирларини ишонишарди. Манзура кичкиналигида онаси ёнида ўтириб, кўп тушларнинг таъбирини билиб олган. Янги турмуш қурган кезлари, бир куни Асадбек ярим кечада уйига қайтса, чироқ ёниқ, эшик очиқ, хотини уй ичида ўртага жойнамоз солиб устида мудраб ўтирибди. Асадбек «Ярим кечада ҳам намоз ўқийдими», деб ҳайрон бўлди-ю, хотинига бу ҳақда гапирмади. Бу ҳол яна уч-тўрт такрорлангач, сўради. Манзура сабабини қўрқа-писа айтди: қиморбозлар хотинларини ҳам тикиб, ютқизиб қўйишсаю даъвогар кирганида хотин жойнамоз устида ўтирган бўлса тегмас эканлар... Ўшандан бери Асадбек «унча-бунчага ақли етар экан», деб ирим-сиримга оид масалаларда уни гапга тутиб турадиган бўлди. Биринчи марта босинқираб уйғонганида Манзуранинг қистови билан кўрган тушини айтди. «Илонлар ичида қолган бўлсангиз, бойиб кетар эканмиз», деди Манзура. Асадбек бу гапга ишонмаган эди. Бир ҳафтадан сўнг қўлига катта пул тушгач, хотинига тан берди. Шу-шу ғалатироқ туш кўрса, дарров хотинига маълум қилади.
— Ҳа, ёмонми? — деб қайта сўради Асадбек, хотинининг жим қолганидан ажабланиб.
— Ёмонмас-ку... мозоримиздан авлиёлар кетиб қолишибди. Одамлардан иймон кўтарилганигамикин...
— Ҳе... тентак, шуми топган гапинг. Нима экан, дебман.

Асадбек шундай деб ёнбошига ўгирилди. Манзура ўйга толиб, анчагина қимирламай ўтирди. Тонг нафаси келиб қолгани учун қайта ётмай, ўрнидан туриб кетди.

Асадбек ўзига тегишли гап бўлганида, айтайлик, «душманларингиз бош кўтарар экан, сиздан авлиёлар юз ўгирибди», дейилганда бошқача ҳолатга тушарди, ёнбошига ўгирилиб ётавермасди. Авлиёларнинг мозорни ташлаб чиқиб кетишлари унга аҳамиятсиз туюлди. Ҳатто ишонмади ҳам. Болалигида ажиналар ҳақида ҳикоя эшитиб, тунлари овлоқ кўчаларда, мозор яқинида юришга қўрқарди. Кейинроқ қўрқув деган нарса чекинди. Ажиналар эртаклардаги каби яширин ҳолда иш олиб боришни бас қилиб, одамлар қиёфасига кириб куппа-кундуз куни очиқ иш юритишга ўтгач, тунлар ҳам осойишта бўлиб, овлоқлар ҳам даҳшатли кўринишни йўқотди. Энди кундуздан, одамлардан қўрққулик эди.

Асадбек туш таъбирига аҳамият бермай ёнбошга ўгирилиб ётгани билан ухлолмади. Хотинидан сўнг у ҳам ўрнидан туриб, ювинди. Асадбек ҳовлида кўрингани заҳоти болохонада ҳам жонланиш сезилди.

Манзуранинг «Биз билан чой ичмайсизми?» деган гапига қисқагина «ичаверинглар» деб дарвозахона томон юрди. Машинага етиб улгурмай тепадан Жамшид тушиб, салом берди.
— Ҳа, шу ердамидинг? — деди Асадбек, саломга алик олгач. Жамшид сўққабош бўлгани сабабли қаерда тунаш унинг учун аҳамиятсиз эди. Маишатга бормаса шу болохонада соқчи йигитлар билан қолаверар, Асадбек унинг бу одатига кўниккан эди. Жамшиднинг тақдири ўзига бир оз ўхшаб кетгани учун Асадбек уни яхши кўрар, икки қанотига қандай суянса, бунга ҳам шундай ишонарди.

Жамшид оилада ёлғиз ўғил бўлса-да, эркалатиш, талтайтиш нималигини билмай ўсди. Отасининг пул тўла ҳамёни ҳуда-беҳудага очилавермас эди. Жамшид истамаса ҳам турли тўгаракларга боришга мажбур эди. Ҳатто скрипка чалишни ўргатиш мақсадида бир чолғучи йил давомида тер тўкди. У бечора «болада қобилият йўқ» деёлмайди, чунки хизмат ҳақини олиб турибди. Жамшиднинг «ўрганолмаяпман» деган гапига ота-она ишонмайди. Хуллас, ўсмирлик кўчасига киргунича ҳайкалтарошлик, радиотехника сингари соҳаларда ҳам қобилияти синаб кўрилди. Мактабни битирганида ҳамён бир кавланди. Ўртада турган одам пулдан кўпроқ ўмариб қолиб, домлаларга камроқ етиб бордими, ҳарҳолда бир имтиҳонида қоқилиб, кечки ўқишга аранг тўғрилашди. Бола бевош бўлиб кетмасин, деб отаси уни ўзи ишлайдиган идорага югурдак қилиб жойлаштирди. Идорада чарос кўзлари ўйнаб турувчи бир қиз ҳам ишларди. Унга қараб туриб чигиртка бир юмалаб шу қизга айланиб қолган ё бу қиз бир йилдан бери оч ўтиради, деб ўйлаш мумкин эди. Кунда ўзгартирилувчи сара кўйлаклар ёғоч илгичга илиб қўйилганга ўхшарди. Ана шу озғин баданда бўлиқ кўкрак қайдан пайдо бўлгани Яратганга ҳам қоронғу бўлса керак. Хуллас, шу қиз ўзидан олти ёшгина кичик бўлган, пишиқ гавдали, жингалик сочли, истараси иссиқ Жамшидни яхши кўриб қолди! Илмоқли гаплар, ширин жилмайишлар... айтаман десак, гап кўп. Яхшиси, воқеа баёнини мухтасар этиб, дебочадан хотимага ўтиб қўя қолайлик: йигит қизни қаттиқ севиб қолса девонаваш бўлиб юраверади, йўл пойлайди, дунёни оҳларга тўлдиради. Аммо қизнинг севгисидан, айниқса унда маккорлик ўти бўлса, қўрққулик экан. Бир куни идорада иш тугаб, ҳамма тарқагач, қиз «чой ичиш» баҳонасида Жамшидни олиб қолди. Эшик ичкаридан беркитилди. Лаблар бирлашди. Асосий ишга бир баҳя қолганида Жамшиднинг миясига бир нарса урилгандай фикри равшанлашиб, ўзини тортди. Ташаббусни бошлаб берган қиз шармандалигини яшириш учун йиғлади, севги ўтида қовурилиб кетганини айтиб нола қилди. Жамшид кетмоқчи бўлганида «ўзимни ўлдираман», деди. Жамшид бу гапларга ишонмай «ўлдирсангиз ўлдираверинг», дедию, чиқди-кетди.

Кечаси ўқишдан қайтса, уйида милисалар ўтиришибди. Қизнинг зўрланганини, қиз номусга чидолмай ўзини учинчи қаватдан ташлаганини милисалардан эшитиб, «ҳазиллашяпсизларми?» деди. Милисаларнинг ҳазиллашмаслигини бу гўдак ўшанда билмас эди. Қўлларини қайириб олиб кетдилар, онаси фарёд уриб қолаверди.

Ўртага номус тикилган эди. Бир томон тўрт йил бурун поймол бўлган қизлик номуси, иккинчи томон беғубор йигитлик номуси учун олишишарди. Қизнинг ҳомий опажони Жамшиднинг отасидан кучлилик қилди. Учинчи қаватдан йўғон тахтани ташлаб юборсангиз майдаланади, аммо қуруқ суякдан иборат бу қиз ўзини ерга отибди-ю, бирон ери синмабди-я, деб ажабланиш ортиқча эди. Қизнинг сув қувурига осилиб пастроққа тушиб, кейин ахлат уюми устига ўзини отганини ким исботлаб бера оларди? Жамшиднинг отаси ёллаган оқловчи «юқоридан давления кучли бўвотти», деб олган пулига яраша иш қилмади. Хуллас, Жамшид беш йилгина сайр қилиб келадиган бўлди, қиз эса шарманда эмас, жабр чеккан маъсума сифатида ўзини оқлаб олди.

Жамшиднинг онаси хаста эди. Табиблар «туғсанг— ўласан» дейишига қарамай, турмушга чиққан, «ўлсам ҳам туғиб ўлай», деб уларга қулоқ осмаган эди. Унинг юраги тўлғоқ азобига чидади-ю, аммо номус азобига чидамади. Суддан сўнг Жамшид қўлига кишан урилиб, деразасиз хунук машинага чиқарилаётганда «Болам!» деб бир оҳ уриб, ҳушидан кетганича ўзига келмади.

Икки йил конда ишлагач, айбсиз экани бирданига аён бўлиб қолиб уйига қайтди. У туҳмат азобидан азият чекмас эди. Қамоқда одамларнинг гап-сўзларини эшитавериб дунё ўзи шунақа экан, деган хулосага келганди. Жамшид онасининг ўлимидан эзиларди. Ўқишни ҳам, ишни ҳам ташлаб бир йил бекор юрди. У отасининг бир иш юзасидан Маҳмуд Эсонов — Чувринди билан танишиб қолганини, Маҳмуд орқали Асадбекка арз этгани оқибатида «оқланиб» чиққанини билмас эди. Буни кейинроқ Чувринди хизматига ўтганидан кейин билди. Отаси «ўғлимнинг бошини икки қилай», деб кўп уринди, аммо Жамшид кўнмади. Охири отасининг ўзи уйланиб, Жамшид тўла озодликка чиқди. Унинг истаган ерларда ётиб юриши шундан.

Жамшид машинага чаққон ўтириб, моторни ўт олдирди. Тепадаги йигитлардан бири дарвозани очди-да, кўчага чиқиб турди.
— Акаларингга хабар қилдингми? — деди Асадбек машинага ўтиргач. — Депутатни чақиришсин.

Жамшид мотор қизишини кутмай, машинани юргизди. Кўчадаги йигит ёнида тўхтаб, ойнакни туширди-да, Бек акасининг топшириғини айтди.

Асадбек шаҳар марказидаги қароргоҳига етиб боргунича Чувринди билан Кесакполвон ҳам йўлга чиққан, барвақт безовта қилинган депутат Орзубек Болтаев эса шошилганича кийинарди. Қароргоҳнинг хилват хоналарида туни билан давом этган маишат тугаган, қизлар ҳам кетиб улгуришган эди.

Болохонадаги йигитлар қароргоҳга ҳам хабар берганлари учун Бўтқа эшик олдида қўл қовуштириб турарди.

Асадбек ичкари кириб бир пиёладан қайноқ қаҳва ичгунича қанотлари етиб келишди. Тонгги ёки тунги йўқловлар уларни ажаблантирмас, шу сабабли «нима гап, тинчликми?» деган сўроқ улар учун ортиқча эди. Асадбек улардан ҳеч маҳал ҳол-аҳвол сўрамасди. Икки оёқда юрибсанми — бас, аҳволинг яхши, дерди. Шунинг баробарида бировнинг ҳол сўрашини ҳам ёқтирмас эди. Тоби қочиб қолган кезлари унинг одатини билмаган одам: «Тузукмисиз?» деб сўраса, «Ҳа, ўлишим керакмиди?» деган ширин жавобни эшитарди.

Улар ана шундай ортиқча манзиратсиз яшашга ўрганишган, бугунги учрашув аввалгиларидан фарқ этмас эди. Аъёнлар бекнинг сўз бошлашини кутиб ўтиришди.
— Ҳайдар, Шилимшиқ келдими? — деди Асадбек, Кесакполвонга қараб.
— Ҳа, келди, ўзида йўқ хурсанд. Мошина тўғрилаб бердим. Таксичилик қилиб юра турсин.
— Отарчига қандай маълум қиласан?
— Бу ёғи пишган, — Кесакполвон шундай деб пинжагининг ич чўнтагидан тўртта фотосурат чиқариб, Асадбекка узатди. Суратда Шилимшиқнинг Ноила билан айш-ишрати акс этган эди.
— Худди ўзидай қилиб ишлаган, қалбакилигини икки дунёда ҳам сезмайди, — деди Кесакполвон, Асадбекнинг тикилиб қолганини кўриб.
— Сезиб қолса-чи?
— Унда гувоҳ топамиз.
— Ишинг хом. Маҳмуд, пухтароқ ўйлаб қўйларинг.

Шу пайт эшик очилиб, Бўтқа кўринди-да, депутат келганини маълум қилди. Ноиланинг қотилини Элчинга қандай топшириш хусусида яна бир оз кенгашиб олингач, депутатнинг киришига рухсат берилди.

Депутат узун бўйли, бадқовоқ, эллик ёшлардаги киши эди. Уни кўрган одам қовоқларни кўтариб, инсон кепатасида сақлаб турувчи устунчалар тушиб кетгану шу хунук кўринишга келиб қолган, деб ўйлаши мумкин эди. Гарчи асл исми Орзубек бўлса-да, Асадбекларнинг даврасида оддийгина қилиб «депутат» деб юритиларди. Шу ҳам тузук, чунки унинг ҳуснини қўятурайлик, совуққина тўнғиллаб гапиришини эшитган кимса «Орзуга ҳам қасам ичирворибди, даюснинг боласи», дейиши табиий. Депутат — Маҳмуднинг топилдиғи. Халойиқ бир-икки тўлғониб, намойишга чиққанида уни олдинги сафда кўриб меҳри тушиб қолган эди. Маҳмуд депутатни сўздан қайтмас, мард, оқил одам сифатида қабул қилиб, унга холисанилло ёрдам бермоқчи эди. Асадбек у билан дастлаб кўришганидаёқ «бу қоронғу башарада ақл кўринмаяпти-ку?» деди. Кейин суҳбатлаша туриб тил билан дил ўртасида анча фарқ борлигини фаҳмлаб, ёрдам беришга кўнди. Замон чайқалиб турган пайтда шунақа одамлар ҳам керак, деб ўйлади.

Ишга Асадбек аралашганидан сўнг бўлажак депутатнинг мухолифлари ўз-ўзидан четга чиқиб, Орзубек сайлов чиғириғидан битта ҳам туки тўкилмай ўтди. Депутат Асадбеклар учун тирик товон эди. Асадбек кўпинча уни «боқиб олган етим тойлоғим» деб мазах қиларди. Чунки халқ деб жон куйдириб юрган бу одамнинг эгилиб ишлашга тоқати йўқ, ўзини, болаларини, ҳатто ўзидан тўрт ёш катта яҳудий хотинининг олдинги эридан орттирган икки ўғлини, кети узилмайдиган меҳмонларини шулар боқиши лозим эди. Хориж сафарига чиқса, совға-саломлар ҳам Асадбеклар бўйнида. Унга сарфланаётган пул Асадбек учун арзимас бўлса-да, кейинги пайтда малол келиб, ғашлана бошлаган эди. Депутат ўзининг қудратли одам эканига ишона бориб, Асадбекларни майда киссавурлар ўрнида кўраётгандай эди. Асадбек бу бадқовоқнинг кўзларини мошдай очиб қўяй, деб юрганида Элчин келиб қолди. Қани, халқим деб кўкракка ураётган бу зот ноҳақ азият чекиб келган шу халқ боласига қайишармикан?

Бадқовоқ депутат кириб ғўдранди. Нима деганини энг зийрак қулоқ ҳам ажратиб беролмаса-да, салом берганини тахмин қилиш мумкин эди. Ўтирганлар бундай саломлашишга ўрганиб қолишгани учун бош ирғаб алик олишди. Депутат Асадбек рўпарасидаги бўш ўриндиққа ўтирди.
— Аҳволлар қалай? — деди Асадбек.
— Яхши. Дунёнинг айрим мамлакатларида...
— Дунёни қўйинг. Телевизорни биз ҳам кўриб ётибмиз. Уйдан гапиринг. Бола-чақа омонми? Жуҳуд хотинингиз мусулмон бўлаётган эмишми?
— Ҳа, муслима бўлади, намоз ўқияпти.
— Ақлли одамсиз-да! Девор бўлмаса кўчани ҳам кўраверсангиз керак? — Асадбекнинг пичинги жавобсиз қолди. — Қизингиз ҳам намозхондир?
— Энди ўрганяпти.

Асадбек ўзаро суҳбатларда оилани сира эсламасди. Шу сабабли Орзубек кўнглида хавотир уйғонди.
— Қизингизнинг бўйи етиб қолибди, деб эшитдим. Йигирмага кирганми?
— Ўн тўққизда.
— Айни турмуш қурадиган пайти экан. Сиз халқпарвар одамсиз. Халқнинг азият чеккан бир боласи бор, шуни куёв қилинг, қизингизга мана биз совчимиз.
— Қизим ёш, ўқийди, узатиш ниятимиз йўқ.
— Биродар, Бек акангиз сўраяптилар, а? — деди Кесакполвон, «Бек акангиз» деган сўзга урғу бериб. Учтагина сўздан олам жаҳон маъно уқиш мумкин эди: «Бек акангиз унча-бунча одамнинг орасига тушмайдилар. Қизим бахтли бўлсин, десанг раъйини қайтарма», ёинки «Сенга шунчалик яхшилик қилган одамга терс гапириб пушаймон ема», ёинки «Яхшилик билан бермасанг, қизинг қўлма-қўл бўлиб кетиши ҳам мумкин, а?!» Орзубек Кесакполвоннинг сўзларидан учинчи маънони уқиб, жони халқумига келиб қолгандай бўлди. Ҳамиша қовоғини уюб юргани учун вужудида уйғонган ғазаб ўтининг алангаси юзларида сезилмади. Бошқа одамлардай қизармади, бўғриқмади, лаблари учмади. Сиртга чиқиш ҳуқуқидан маҳрум аланга уни ичдан кемирарди. Бу ҳаромхўрларга (ҳаромхўрларга ҳамтовоқ экани хаёлига келмади) дуч келган кунини лаънатлайди (улардан кўраётган фойдасини ҳисобга олмайди). Эртага катта амаллар шоҳсупасига кўтарилиши мумкин бўлган одамга (кимнинг зўри билан кўтарилар экан?) бу хилда безбетларча (!) муомала қилишларидан бир ғазабланса, ўзининг бу олчоқлар (!) олдида ночор ўтиришидан ўн ғазабланди. Мажлисда оташин нутқлар ирод этувчи, ҳатто зўр нотиқларни ҳам саросимага солиб қўювчи халқ фидойиси қай- да-ю, учта муттаҳам (!)га гапини айтолмай мум тишлаб ўтирувчи ночор одам қайда! Нимадир дейиши керак эди, қурбақани боссанг вақ дейди, ҳарҳолда у қурбақадан минг чандон улуғроқ бир одам, вақиллаганда ҳам тузукроқ вақиллаши керак.
— Бек ака, умр савдосига бунақанги аралашиш ярамайди. Биз ҳуқуқий жамият тузмоқчимиз. Мана, ўзингизнинг қизингиз бор...

Орзубек «қизингиз тақдирига биров хўжайинлик қилиши яхшими?» демоқчи эди. Аммо «берди»сини айтиб улгурмади. «Қизингиз бор...» деган гапни Асадбек «ўша одамга ўз қизингизни беринг», деб тушуниб ғазаб билан ўшқирди:
— Менга қара, ў, сўтак! Сен бу ерда масала сўқима. Уйингга бориб жуҳуд хотининг билан маслаҳатлаш. Жуҳуд хотинлар ақлли бўлишади. Эртага эрталаб ё ҳа, дейсан, ё йўқ, дейсан! Бор, жўна, турқингни кўрсатма!

Асадбек аччиқланган маҳалда Чувринди орага тушиб вазиятни юмшатишга уринарди. Ҳозир бунга эҳтиёж сезмади. Асадбекнинг қизини тилга олиб кечирилмас хато қилган депутат шусиз ҳам осон қутулаётган эди. Элликни қоралаётган одам ёш бола ҳолига тушиб, индамай чиқиб кетди.
— Вой, хунаса-э, — деди Кесакполвон, депутат чиқиб кетгач.
— Ўчир, — деди Асадбек. — Ўзинг жа талтайтириб юбординг. Ўзбек хотинини қўйиб, жуҳудга уйланган одамдан яхшилик чиқармиди? Дошқозонда сув қайнатиб ўшанга ташлаш керак буни.

Эшик очилиб, яна Бўтқанинг башараси кўринди.
— Бек ака, амакингиз мозорда юрганмишлар.
— Қайси мозорда, ким чиқариб юборибди?
— Катталар кўмиладиган ерда эмиш. Ким чиқарганини билмадим, — Бўтқа шундай деб изига қайтиб, эшикни ёпди.

Асадбек савол назари билан Чувриндига қаради. Маҳмуд унинг мақсадини англаб, телефон гўшагини кўтариб, рақам терди. Жавоб бўлгач, салом-аликсиз сўроққа тутди:
— Зинатулинни нимага чиқардингиз?

Жавобга бир оз қулоқ тутиб, гўшакни жойига қўйди.
— Қизи келиб бир кунга рухсат олган экан. Отарчи сизнинг номингиздан бориб, ошнасини чиқартирибди.
— Ким экан, ошнаси, аниқла. — Асадбек шундай деб ўрнидан турди. Аъёнлар унга эргашишди. Зинатулинни улар Асадбекнинг «ўгай амакиси» сифатида билишарди. Жиннихонанинг учинчи қаватида сақланувчи ўгай амакисидан Асадбек тез-тез хабар олиб турарди. Бу одам ҳақида ҳеч ким ҳеч нарса билмас эди. Қирқ тўққизинчи йилнинг ўттиз биринчи декабрида уйларига бостириб кирган, сандиқни титган, танча устига ўтирганича папирос тутатган, «сенинг отанг ҳам душман», деган новчанинг Зинатуллин эканини Асадбек улғайгач аниқлади. Отасини олиб кетганлар фақат ижрочилар экани, тўғон бошидагилар эса бошқалар экани уни қизиқтирмас эди. Бири новча, бири паст бўйли икки одам суврати кўз олдига муҳрланиб қолган, ётса ҳам, турса ҳам улардан ўч олишни ўйларди. Кесакполвон билан бирга бўлиб, сал қаддини тутиб олгач, топганини сарф қилса-да, ўша икки кишини аниқлади. Паст бўйлини излаб кўп шаҳарларда бўлди. Ниҳоят топди. Аммо ўшанда бир хомлик қилди. Кесакполвоннинг гапига кириб, ўша ерлик ўғрибошлардан бирига маслаҳат солди.
— У чиндан ҳам ифлос одам, — деди ўғрибоши. — Миллатимизга иснод келтирган. Лекин биз миллатимиз вакилини хафа қилдириб қўймаймиз.

Чиндан ҳам хафа қилдиришмади. Авайлаб асрашди. Ўшандан кейин Асадбек яна икки марта борди. Ўлжага яқинлашаман, деганида ўғрибошининг йигитларига дуч келаверди. Шундан сўнг етти йил кутди. Ўғрибоши қўлга олинганини билиб учинчи марта борди. Тўй устидан чиқди. Икки қаватли уй, ҳовли гавжум эди. Ўлжаси, тепакал, думалоқдан келган одам Асадбекни танимасди. «Ў, Ўзбекистон менинг юртим, у ерда қадрдонларим кўп!» деб қувониб кутиб олди. Тўй қизиган пайтда у меҳмонларнинг муҳим гапини эшитиш учун хонасига бошлади. Ҳовлида хушчақчақлик авжида, бағоят шинам безатилган бу хонада эса 1950 йил биринчи январдаги ҳукм ижро этиларди. Асадбек бундай қулай фурсат бошқа насиб этмаслигини билиб шошиларди. У қамоққа тушганлар қандай азобларга гирифтор қилинганларини эшитган, ҳисоб-китоб чоғида бу қийноқларни қўллашни ният қилган эди. Вақт зиқлигидан афсусланди, аммо армонда қайтмади: сигарет чўғини пешонасига босиб туриб қирқ тўққизинчи йил ўттиз биринчи декабрдаги воқеани айтди, ётқизиб қўйиб тумруғини оёғи билан эзди... Маҳбуслар азобга чидолмай бақирардилар, бу эса оғзига латта тиқилгани учун, бундан маҳрум эди. Уни оёғидан осиб, билак томирларини қирқиб ташладилар.

Тўй эгасининг йўқолгани маълум бўлиб, қидир-қидир бошланганида Асадбек кира қилган машина Еревандан чиқиб, Боку сари учиб борарди. Нодон, гўл ўзбекларни катта пулга туширганидан хурсанд бўлган ҳайдовчи эса ўзича хиргойи қиларди.

Асадбек Зинатулинни ҳам ўша кезларда топган бўлса-да, унга ўлимни раво кўрмади. «Ўгай амаким», деб унга «меҳрибонлик» қилди. Зинатулин дорга эмас, жиннихонага маҳкум эди. Шубҳасиз, у ўзининг «меҳрибон ўгай жияни» борлигидан бехабар эди. Жамиятга сидқидилдан хизмат қилганман, деб байрам кунлари нишонлари тақилган қора костюмини кийиб, тантанали мажлисларда виқор тўкиб ўтирувчи, ёш авлодга қарата оташин нутқлар сўзловчи бу одам ўзини дастлаб жиннихонада кўрганида ғоят ажабланди. «Болаларим бемеҳр чиқди, оқибатда қариялар уйига топширишади», деб ўйларди. Ҳали куч-қувватдан кетмай туриб жиннихонага олиб кетишлари сабабини билмай ақлдан оза бошлади. Учинчи қаватга «кўтарилиш» учун кўп фурсат талаб этилмади.

Асадбекнинг ўша «ўгай амакиси» энди жиннихонадан чиқиб, мозорда юрганмиш. Бу Асадбек учун кутилмаган ҳол эди. Шу сабабли мозорга шошилди.

2

Ойнакчи довул туриб шаҳардаги барча дераза ойнакларининг синишини орзу қилиб яшаркан. Гўрков ўлим кўп бўлишини истамаса ҳам, мозорга одам кириб келса кўнгли қувонади. Чунки одам мозорга бекорга келмайди. Ё майит учун қабр қазишни илтимос қилади, ё марҳумлар руҳига Қуръон ўқитиб, тўрт-беш сўм ташлаб кетади.

Иссиқ ҳужрада худойи ошни еб, чойхўрлик қилиб ўтирган гўрковлар изма-из келиб тўхтаган икки «Жигули»ни кўриб, ташқарига умид билан қарашди. Анчадан бери шу атрофда ивирсиб юрган бошяланг йигит биринчи машинадан тушган уч одамга бир нима дегач, улар ҳужра томонга қараб ҳам қўймай, катталар кўмилган, ҳайкалчалар тизилиб турган томонга қараб юришди. Гўрковларнинг каттаси «булар текширувчилармасмикин» деган хавотирда эшикни очиб, ташқарига қадам қўйиши билан иккинчи машинадан тушган йигит «Амаки, жойингизда ўтираверинг», деб қайтарди.

Кечаси ёққан қор ҳайкалчаларнинг боши, бурни, елкасига қўниб, одам шаклини беўхшов бир тусга киритган эди. Қарғаларнинг қағиллашидан бўлак овоз эшитилмаётган қабристонда бирдан кулги янгради. Асадбек шошиб ўша томон юрди. Аёлларнинг калта палтосини кийиб олган новча одам бир ҳайкалча рўпарасида туриб олиб, нуқул куларди. У Асадбек келаётган йўлга орқа қилиб тургани учун уларни кўрмади. Асадбек тўхтаб, уни кузатди. Зинатулин кулгидан тўхтади. Ҳайкалчанинг бурнидаги қорни кафти билан сидирди.
— Ана, энди одам бўлдинг. Танимайди, деб ўйловдингми? Нимага қалтираяпсан? Совуқми? Ҳа... қўрқяпсанми? Сен қўрқяпсанми? Сен қўрқма. Қозоннинг қопқоғини ёпиб ташлаганман, иси чиқмайди. Душманларнинг ўлиги кислотада куйдирилган. Ҳа, қўрқма. — У шундай деб ҳайкалча рўпарасидаги қабртош устига ўтирди-да, оёғини чалиштириб олди. Тирсагини тиззаси устига қўйиб, қаддини сал букиб, жағини кафтига суяди. Ўйга толган мутафаккир мисол анча ўтирди. Сўнг сапчиб турди. Атрофга аланглади-да, қўлини пахса қилиб, жаҳл билан гапира кетди:
— Сен паразит, оппоқман, деяпсанми? Мен сени қийнадимми? Тумруғингга калиш билан урдимми? Бошингга қайноқ сув томиздимми? Шиша синиқлари солинган этик кийгизиб сакратдимми? Музхонага ташлатдимми? Ҳа-а... сен буларни кўрганинг йўқ? Ўртоқларингни ўзинг сотдинг. Нимага сотдинг? Ватан учун қайғурдингми? Мана сенга Ватан! — у шундай деб бош бармоғини икки бармоғи орасига суқиб, ҳайкалчанинг бурнига тақади. — Кўрдингми?! Мен аҳмоқманми? Дўстини сотган одамда Ватан туйғуси бўларканми? Ҳа-а... гапга уста эдинг. Сен жим тур, паразит, — Зинатулин шундай деб ёнбошдаги ҳайкалчага қараб олди. — Ҳилолий группасига мен ҳукм чиқарганим йўқ, мен оттирганим йўқ. Сенлар оттирдиларинг! Чунки улар сенлардан зўрроқ олимлар эди. Сенлар шу ҳайкалга эришдиларинг. Одам тугул ит ҳам келмайди сенларни кўргани. Ҳилолийни одамлар тилдан қўймайди. Ҳа, болаларинг келмаяптими? Тўғри қилишади. Сен ўзинг вақтида ўлиб қолдинг. Ҳеч ким башарангга тупурмади. Болаларинг исноддан бош кўтаролмай юришибди. Нима? Ўшанда бола-чақани ўйламабмидинг? Охири шунақа бўлишини билмагансан. Мен ҳам билмаганман, тўғри, — Зинатулин яна бояги ҳолатда ўтириб олди.

Аъёнлар «бу жинни нималарни валдираяпти», деб ҳайрон туришарди. Зинатулиннинг гаплари Асадбек учун ҳам ғалати туюлаётган эди. Жинни деса, гаплари бинойига ўхшайди. Соғ деса, ҳаракатлари бемаъни.

Зинатулинга қараб туриб, Асадбекнинг юраги увишди. Онасини эслади. Аниқ ёдида — эллик учинчи йилнинг эрта баҳори эди. Ширингина гапириб юрган Самандар шамоллаб, йўталиб юрди. Иситмалади. Дори-дармонлар ҳадеганда эм бўлавермади. Танчанинг бир томонида Асад, яна бир томонида эса онаси Самандар билан ётишарди. Онаси кенжатойини кўрпага ўраб, ўзи тирсагига таяниб тунларни бедор ўтказар эди. Асад «ойи, бирпас ухланг, мен қараб ўтираман», деса ҳам унамасди. Асад ярим кечада уйғонарди-да, қора чарм халтани кўтариб нон дўконга чиқиб кетарди. Ўша куни ҳам шундай бўлган эди. Самандар тунда безовталанди. Онаси унинг юзини силаб хомуш ўтираверди. Самандар нималардир деди. Асадбек унинг бир гапини илғаб олди:
— ...Самалўт, қанотийни пастлаб ўт...

Укасининг ширин тилчалари билан айтадиган ашуласи ана шу алаҳсираган овоздан хотирасига муҳрланиб қолди. Эндигина тили чиққан болачаларни кўрганида унинг қулоғи остида ўша хаста овоз жаранглайверади...

Асад нон олиб қайтганида уйнинг эшиги ланг очиқ, онаси кесакига беҳолгина суяниб турарди. Аввалига у ҳатто ўғлининг кириб келганини ҳам сезмади. Асад «ойи, ойи», деганидан сўнггина сергак тортди.
— Опоқингни чақир, — деди йиғламсираб.

Асад «нима учун?» деб сўраб ўтирмай Жалилникига чиқиб кетаётганида орқасидан онасининг сўзларини эшитди:
— Дадаси, энди сизга нима деб жавоб бераман?!.

Онасига қўшилиб Жалил ҳам чиқди. Аёллар ичкари кириб кетишди. Ўшандан сўнг Асаднинг онаси фарёд урди.
— Самандар... ўлдими? — деди Жалил, Асаднинг енгидан тортиб.

«Самандар ўлди?!»

«Самандар ўлди...»

Бу гап Асаднинг миясига тўқмоқдек урилиб, товонигача зириллатиб юборди. Бир оз нест бўлиб турди-да, сўнг уйга отилиб кирди. Уй ўртасига кўрпача солиб, укасини ётқизиб қўйишибди. Самандарнинг бир томонида онаси ўтирибди. Опоқиси сандиқ кавлаяпти.
— Ана, аканг келди, болам... — онаси шундай деб Асадни қучоқлаб йиғлайверди, йиғлайверди...

Асад ота ўрнида ота бўлиб укасини сўнгги маконга қўйиб келди. Қўни-қўшнилар уни катта одамдай кўриб, таъзия изҳор этишди. Ана ўшанда Асад ўзини «катта одам бўлиб қолганини» ҳис этди. Қабристондан қайтишаётганда маҳалла анча бесаранжом эди. Кўпчилик мактаб томонга шошиларди. Жалилнинг отаси «нима гап?» деган саволга йигитлардан бири:
— Радиони эшитайлик. Сталин ўлганмиш, — деди.
— Оғзингга қараб гапир-э, нима деяпсан? Сталин ҳам ўладими? — деди Жалилнинг отаси.

Бу атрофда радио фақат мактаб директорининг хонасида бор эди. Кечқурун, эрталаб радио эшитувчи қоровул маҳаллани янгилик билан таъминлагани сабабли ўқитувчилар қатори у ҳам ҳурматли кишилардан саналарди. Сталиннинг ўлими ҳақидаги хабар ўшандан чиққани аён эди.

Асад билан Жалил ҳам бошқаларга қўшилиб мактабга киришди. Директор хонасидаги радио кенг даҳлизнинг ўртасига олиб чиқиб қўйилган. Иккинчи қаватга олиб чиқувчи зиналарда одамлар тирбанд ўтиришибди. Ҳамма жим. Барчанинг нигоҳи ўртадаги қора қутида. Худди мўъжиза юз беришини кутгандай киприк қоқишмайди.

Бирдан қора қутидан «Говорит Москва» деган жарангдор овоз чиқди.

Жалил Асадни енгидан тортиб шивирлади:
— Уруш бошланганга ўхшайди.

Жарангдор овоз доҳийнинг ўлим топганини эълон қилгач, радио ёнида ўтирган шоп мўйловли эркак «вой, отам» деб йиғлаб юборди. Бир йигит ҳушидан кетиб шилқ этиб йиқилди. «Вой, энди нима қиламиз!» деб бир аёл чинқирди. Ола-ғовур бошланди.
— Сталин ўлган бўлса, энди уруш бошланади, — деди Жалил.

Жалилнинг отаси болаларни қўлларидан ушлаб, ташқарига бошлади.
— Бу душманларнинг иши, Сталин ўлмаслиги керак эди, — деди у.

«Нима учун ўлмаслиги керак?» деган савол Асадни кўп ўйлантирди. Орадан йиллар ўтиб, Сталин қораланганда ҳам шу саволни кўп эслади, аммо жавоб топа олмади.

Шом тушиб, қўни-қўшнилар уй-уйларига тарқалишгач, она-бола ёлғиз қолишди. Уруш йиллари жанггоҳлардан жон олиб тўймаган ҳазрати Азроил бу томонларда ҳам каттами-кичикми фарқига бормай тутиб олавергач, одамларнинг дийдалари анча қотиб қолган эди. Шунданми, гўдакнинг ўлими катта фожиа саналмасди. Самандарни қабристонга олиб боришаётганда Асаднинг назарида ҳамма қайғуга ботган эди. Кейин Сталин ўлими ҳақида хабар тарқалди-ю, гўдакнинг ўлими билан ҳеч кимнинг иши бўлмай қолди.

Ёлғиз ўтирган она-болани ютаман, дегандай тун ёпирилиб кирди. Танча совуқ — олов қилиш эсларига келмабди. Қора чироқ қоронғилик даҳшатидан қўрққандай титрайди. Она-бола гап-сўзсиз узоқ ўтиришди. Асад энди кўзи илинган экан, онасининг овозини эшитиб, чўчиб уйғонди.
— Адаси, олинг, нондан еб туринг, ҳозир самовор қайнайди.

Асад ҳам қўрқўв, ҳам ажабланиш билан онасига қаради. Патнис устида липиллаб турган чироқдан бўлак ҳеч нима йўқ. Лекин онаси нон синдиргандай ҳаракат қилади.
— Самандарингиз ухлаб қолди-да. Шунақанги ширин бўлганки... Олинг, чой ичинг. Энди узоққа кетманг... Одам соғинаркан...

Асад «Ойи...» деди секин. Кейин овозини кўтариброқ чақирди. Онаси эшитмади, гапираверди...

Ўшандан бошлаб ҳар тун шу ҳол такрорланаверди.

Зинатулиннинг тақдири ўша тунларнинг бирида ҳал қилинган эди. У дамда Асад Зинатулин деган зотни билмасди. Айнан шу одамни жинниликка ҳукм ҳам қилмаган эди. Уйларига бостириб кирганларнинг бири қийноқ билан ўлим топмоғи, иккинчиси жинни бўлиб хорланиши лозим эди. Еревандаги ўлжа шошилинч равишда ўлдирилиши шарт эди. Зинатулиннинг иши шошқич эмас, шу боис иккинчи ҳукм унга насиб этди...

Зинатулин бехос қичқириб, Асадбекнинг хаёлларини тўзитиб юборди.
— Йўқ эди ҳеч қандай комитет! — деди у ўрнидан сапчиб туриб. — Йўқлигини билардим. Улар «халқ душманиман», деб тан олишди. Аммо сенинг кимлигингни билиб кетишди. У ёқда, — Зинатулин қўлини бигиз қилиб осмонга санчди, — ҳали учрашасан, ҳа! — У қаҳ-қаҳ отиб кулди. — Нима дейсан энди?! У ёқда энкеведе бўлмайди. Расвоинг чиқди, паразит! Ҳамманг расво бўлдиларинг, — Зинатулин шундай деб қабрларни оралаб юриб кетди.

Асадбек то унинг қораси ўчмагунча изидан тикилиб турди. Аъёнлар «ўгай амаки»нинг аҳволига ачингандай индашмади.
— Энди ўз ҳолига қўйинглар, — деди Асадбек. — Жиннихонага қайтмасин. Юраверсин.

Чувринди буйруқни яхши англамай, Асадбекка қаради:
— Кузатувдаги йигитларни бошқа ишга олаверайми?
— Ҳа, ишларинг бўлмасин, дедим-ку! Жиннихонага тайинла, болалари олиб борса, қабул қилмасин. Тамом!

Минг тўққиз юз эллигинчи йилнинг биринчи январидаги ҳукмнинг сўнгроқ тузатилган иккинчи ярми шу зайлда ижрога кирди.

Зинатулинни қабрлараро танҳо қолдириб, изларига қайтдилар. Гўрковлар хонасига кўтарилувчи зина ёнидаги энсиз супага кўрпача тўшалибди. Кўрпача устида чордана қуриб ўтирган, бошига қозонни эслатувчи қўлбола қалпоқ кийган, пахмоқсоқол уларнинг эътиборларини тортди. Жамшид гўрковбошини ташқарига қўймай изига қайтаргач, дам ўтмай кўрпача кўтариб шу пахмоқсоқол чиқиб келган эди. Кўрпачани супачага тўшаб ўтириб олгани учун Жамшид унга индамади. Пахмоқсоқол бир ниманинг илинжида ўтирганини сезса ҳам Асадбек тўхтамай ўтиб кетмоқчи эди.
— Ие, вей, тўхта, — деди Кесакполвон пахмоқсоқолга тикилиб, — директоримга ўхшайди-ку?

Асадбек тўхтаб, Кесакполвоннинг изидан қаради. Пахмоқсоқол ўтирган ерида саломга алик олди. Кесакполвон супа четига омонат ўтиргач, пахмоқсоқол тиловат бошлади. Сўзларини ямлаб талаффуз қилишига эътибор бериб, бу «қори» ҳам кейинги пайтда бирданига бодраб чиққан чаламуллалардан бири эканлигини фаҳмлаш қийин эмасди. Тиловат тугагач, Кесакполвон ўн сўм узатди. Пахмоқсоқол шунга яраша узоқ дуо қилди.

Кесакполвон пахмоқсоқолга тикилганича ўтираверди.
— Ҳа, ўғлим, мени бировга ўхшатяпсизми? — деди пахмоқсоқол ўнғайсизланиб.
— Ўхшатяпман... Сиз ўттиз иккинчи мактабда ишламаганмисиз?
— Ҳа, энди... шўроларга ҳам хизматимиз сингган. Сабаби тирикчилик-да. Сиз, ўғлим, шу мактабда ўқиганмисиз?
— Тикилманг, танимайсиз мени. Сизни қамалиб кетган деб эшитувдим.
— Ҳа, энди... туз-насиб қўшилган экан...
— Бир ўқувчи қизни... а?
— Астағфируллоҳ! Бу бўҳтон гап. Сталин даврида реприса қилинганман.
— Қани, қори ака, би-ир осмонга қаранг, — пахмоқсоқол ажабланди, бироқ, Кесакполвонга итоат этди — осмонга қаради. — Энди Худога ёлбориб, «менга юз сўмлик ёғдир», денг.
— Шаккоклик қилманг, ўғлим.
— Сиз айтганимни бажаринг, — Кесакполвон бу сафар таҳдид билан гапирди. Пахмоқсоқол чўчиб, бир нима деб пичирлади.
— Сўрадингизми, бермадими? Энди мендан сўранг.
— Ўғлим, қўйинг, гуноҳ бўлади...
— Сўра деяпман!
— Юз сўмлик ёғдиринг... ўғлим.

Кесакполвон чўнтагидан бир даста пул чиқарди-да, Пахмоқсоқол устидан сочди. Пахмоқсоқолнинг кўзлари қинидан чиққудай бўлиб ўйнаб кетди.
— Қани, мен кучлиманми, ё Худоми? — деди Кесакполвон унга заҳарли нигоҳини қадаб. Пахмоқсоқол бошини эгиб ўтираверди, жавоб бермади.
— Нимага ундай қилдинг? — деди Асадбек, машинага ўтиришгач.
— Ҳаромидан ўчимни олдим, — деди Кесакполвон сигарет тутатиб.
— Ким у?
— Мактабимизга директор эди. Ҳар куни бизни ҳовлига тизиб «Осмонга қараб «Худо, конфет бер», деб ялининглар», дерди. Айтганини қилардик. «Хў-ўш, бердими? Йўқ. Демак, Худо йўқ экан, а? Энди «Директор бова, конфет беринг» денглар», дерди. Айтганимиздан сўнг уч-тўртта болага попуклик конфет берарди. «Хў-ўш, Худо зўрми ё менми?» дерди. Эллик саккизинчи йилда бир ўқувчи қизни боплаб қўйган экан. Сталин репрессия қилди, деб ўтирибди ҳароми. Бир боплайман, деб юрувдим, учрагани яхши бўлди.

Пахмоқсоқол Кесакполвонни танимади. Лекин мактабдаги ўша ҳолни эслади. Кесакполвон уни «боплаганидан» хурсанд кетди. Пахмоқсоқол эса шундай эси йўқ бандаларни ҳам яратгани учун Худога шукрлар қилиб, сочилиб ётган пулларни йиғиб, чўнтакка урди.

XI боб

1

— Мен Бек акамни отамдан улуғ деб биламан. Бек акам аралашмаганлар бу ишга. Мен эшик олдида қоровул эдим. Шилимшиқнинг мақсади менга ҳам номаълум эди...

Элчин рўпарасида ўтирган жингалаксоч йигитдан кўз узмай ўтирарди. Ўзини Жамшид деб танитган бу йигитни янги йил шомида кўрган эди. Саволларига жавоб бергиси келмай энсаси қотган йигит бугун кутилмаганда ўзи кириб келди — Элчиннинг ярасига туз сепди. Жамшид нигоҳини олиб қочмасдан, ўзини айбли деб ҳисобламасдан тик қараб туриб гапирди. Ноиланинг қайси хонада ўлдирилгани, Шилимшиқнинг қандай киргани, қандай зўрлагани... ҳаммасини айтди. Сўнг... суратлар чиқарди. Ана шунда Элчин ўзини тута олмай қолиб бўғиб ўлдирмоқ қасдида унга ташланди. Ўша мудҳиш воқеага Жамшиднинг алоқаси борми-йўқми — Элчин учун фарқсиз эди. Энг муҳими — бу малъун уларнинг шериги, уларнинг одами!

Жамшид Элчин ташланиб қолар, деб махсус тайёргарлик кўриб ўтирмаган эди. Аммо унинг Асадбек тўдасида олган энг муҳим сабоғи — сергакликни бир нафас ҳам йўқотмай, ётса ҳам, турса ҳам, ҳар қандай ногаҳоний ҳамлага тайёр бўлиш эди. Ўша сергаклик панд бермади — ўзини четга олишга улгурди. Қўлларини чўзганича ташланган Элчин ўзини тўхтатолмай олдинга учди. Шунда бўйнига бир зарб тушди. Сўнг қўли орқасига қайрилди. Жамшид чўнтагидан чизимча чиқариб бўғишга шайланган қўлларни бир зумда боғлаб ташлади. Бу ишлар кўз очиб юмгунча бажарилди. Бўғзига пичоқ тортилгандай хириллаётган Элчин дастлаб қай ҳолга тушганини англамай ҳам қолди. Кейин бошини кўтариб, Жамшидга қаради:
— Қўлларимни бўшат, ҳароми!
— Ҳароми нималигини биласанми ўзинг! — Жамшид шундай деб унинг қорнига тепди. Элчин нафаси қайтиб, букчайиб қолди. Жамшид эса, хотиржам ҳолда чўнтагидан сигарет олиб тутатди.
— Ҳароми деб сендақаларни айтади. Хотинингни қиморга тикиб юриб, энди ақлинг кириб қолдими? Бек ака сенга мурувват қилиб, душманингни авайлаб, асраб турдилар. Ўзи хумордан чиқсин, дедилар. Сени ўлимдан олиб қолдилар. Армонда кетмасин, дедилар. Ўғил болалик шунчалар бўлади-да! Ўзингни босиб ол, ҳе итдан тарқаган. — Жамшид шундай деб унинг оёғини ҳам боғлади-да, чиқиб кетди.

Элчин қўлларини бўшатолмай ерда типирчилаб қолаверди. Зелихон келмаганида қанча ётарди — Худо билади.

Зелихон Элчиннинг уйига хавотир билан келди. Чунки Элчин ваъдага биноан уникига бориши лозим эди. Зелихон уни кута-кута тоқати тоқ бўлди. Ҳамиша хатар жари устидаги қил кўприкда юрувчи одамнинг юраги сезгир бўлади. Зелихон ҳам Элчинга бир нима бўлди-ёв, деб хавотирланган эди — сезгиси алдамади.

Типирчилайверганидан чизимча қўл-оёғини шилиб юборган эди. Чизимча ечилгач, шилинган ерлари ловуллай бошлади. Лекин Элчинни ҳозир бу эмас, юрагидаги ўт кўпроқ қийнарди. У Жамшиднинг ташрифини қисқагина қилиб айтиб берди. (Тепки еганини, шубҳасиз, яширди.)
— Ўйин бошланибди, — деди Зелихон стол устида сочилиб ётган суратлардан бирини олиб.

Элчин худди хотинини шармандали ҳолда кўрсатаётгандай уялиб, суратларни қўлидан тортиб олди.
— Яхшилаб қарадингми, суратларни ясашмаганми? — деди Зелихон. — Ростакам суратлигига менда ишонч йўқ. Чунки, хотинингнинг ўлими — тасодиф. Иғво мақсадида қилинмаган бу иш. Демак, ҳар мақомда суратга олиб ўтиришмайди. Хотининг ўз хоҳиши билан қўшилмаган. Зўрлашган. Демак, кўзларини бундай юмиб, роҳатланиб турмайди...

Элчин дастлаб жаҳл устида суратларга эътибор бермаган эди. Зелихоннинг гапидан кейин суратларга тикилди.
— Тўғри, — деди у суратларни тахлаб. — Ноиланинг елкасида тиртиғи бор эди. Суратда эса йўқ.
— Ҳа... Ўқилон бир янглишибди. Ишонишингни жуда ҳам хоҳлаяпти. Шилимшиқ деганларини танийсанми, ўзинг?
— Танийман. Ўйинда у ҳам бор эди. Ўшанга ютқизган эдим.
— Шилимшиқ уларга ёқмай қолган бўлса, сенинг қўлинг билан йўқотишмоқчи? Йў-ўқ... Бек ғирром қилмаса керак. Фақат сени ишонтиришнинг нотўғри йўлини топибди. Шундай айтсак, ишонмайди, деб ўйлашган. Энди ишонишинг керак.
— Ҳаммасини ўлдираман, — деди Элчин, муштумини қаттиқ қисиб.
— Аввал нақдини ўлдириб тур. Хўш, нима қиласан?

Нима қилишини Элчин билмасди. Тўғри, ўлдиришнинг бир неча турларини хаёлида пишитиб юрарди. Лекин амалга оширишга келганида қўллари қалтирамасмикин?

2

Тақдир ёзуғига Асадбек тўдасига алоқадор ишларни юритиш битилган экан, прокурор ёрдамчисининг четлатишга уриниши бекор бўлиб қолаверди. Намозов ишининг усталик билан ёпилишидан ғазабланиб юрган Зоҳид Шариповга кутилмаган иш топширилди. Зоҳид милитсиянинг қидирув гуруҳи билан воқеа юз берган ерга бориб даҳшатли манзаранинг гувоҳи бўлди: йўл четидаги дарахтга эркаклиги кесиб ташланган, чап кўкрагига пичоқ санчиб қўйилган қип-яланғоч одам осилган эди. Ўн қадамча нарида ёндириб юборилган енгил машина темирлари қорайиб турарди. Бу қотиллик тунда амалга оширилган, серқатнов катта йўлдан машиналарда ўтганлар бу манзарани, ақалли ёнаётган машинани, шубҳасиз, кўришган, аммо тўхташга, жилла қурса хабар беришга қўрқишган.

Суратчи ишини тугатгач, мурдани ерга олиб, устига чойшаб ёпиб қўйишди. Зоҳид атрофни синчиклаб кузатди. «Эркаклиги кесиб ташланганига қараганда қотиллик тасодифан юз бермаган, — деб ўйлади у. — Орада қасос бўлганми? Унда нима учун юрагига пичоқ санчиб, сўнг дарахтга осиб қўйган?» Зоҳид шу пайтгача майда ўғрилару безорилар билан шуғулланган эди. Прокурор ёрдамчиси ваъда этган жиддий ишнинг бу даражада бўлишини кутмовди. Зоҳид бу жиноятнинг тагига ета оладими ё бу иш ҳам очилмай ётган қотилликлар сафига қўшиладими, ҳозир билмайди. У қотилликларнинг ярим тунда эмас, шомда содир бўлганидан ҳам бехабар. Мурда осилган дарахт атрофидаги изларнинг бири — Элчинники экани ҳам унга номаълум...

...Шилимшиқ деб лақаб олган Жалолни аввал дарахтга бўйнидан боғладилар. Қўл-оёқлари бўш эди, бироқ, қимирлашга, ўзини ҳимоя қилишга қурби етмасди. Қимирлади, дегунича ингичка силлиқ каноп бўғарди. У ажали етганини сезди. У Асадбек қаҳрига учраб, бадарға бўлганида ажабланган эди. Элчин «хотинимни ўзим ўлдирганман», деб қамалиб кетди. Асадбекнинг шаънига гард юқадиган гап бўлмади. Элчиннинг танобини тортиб қўйишни Асадбекнинг ўзи буюрган эди. Танобни сал қаттиқроқ тортибди, шунга шунчами? Ҳа, энди қаймоқдай нарса экан, тўйиб емаса ҳам ялаб кўриши керакмиди? Хотинни қиморда ҳалол ютиб олганидан кейин ҳушига келганини қилади-да! Жалолшилимшиқ Асадбекка содиқ эди. Асадбек ҳам уни қадрларди. Хўжайинни қайси шайтон йўлдан урди, Шилимшиқ билмайди. Битта отарчининг хотини деб бадарға қилиб юборганига сира ақли етмайди. У Русиянинг совуқ шаҳарларида насибасини териб юрган чоғларида кўп ўйлади, турли тахминларга борди. Ўзи учун энг ишончлиси — «отарчининг қаймоқдеккина хотини Бек акамнинг суюкли ўйнаши экан-да, шунга чидолмадилар», деган тахмин эди. Шилимшиқ сургун муҳлатини билмас эди. Мусофирликда ризқини қийналмай териб юргани учун ҳам «Ватан ҳажрида куйиб ёниш», деган ҳислар унга бегона эди. Янги йил айшини суриб юрганида Бек акасининг йўқлаганини билиб, бир қувонди, бир кўнгли ғашланди. Унга яп-янги таксининг калитини тутқазиб: «Бу «Волга» ўз-ўзингга, ақлинг бўлса битта мошинани шахсий таксопаркка айлантирасан. Ношудлик қилсанг, чориғингни судраб юраверасан», дейишди. Пича ақча ҳам беришди. У бундан хурсанд бўлди. Бироқ, Асадбек билан кўришмагани юрагига ғулғула солди. «Гуноҳим шунчалар кўп эканми, Бек акамнинг кўргилари йўқ», деб кўп ташвиш чекди.

Бўйнига силлиқ каноп ташланганида ҳам тақдир ёзуғидан бехабар эди. Кавказлик бойвачча йигитларнинг бу қилиғидан ҳайрон бўлди. «Мошинани олинглар, ёнимдаги пулим камлик қилса, яна топиб бераман», деб ялинди. Йигитлар гапга тушунмагандай бепарво тураверишди. Яна «Йигирма минг бераман», деди. Эллик мингга ҳам чиқди. Латифа айтиб кулдириб келаётган йигитлар эса тунд ҳолда ўтираверишди. Ҳаворанг «Жигули» тўхтаб, ундан тушган Элчинни таниди-ю, тақдирга тан берди!
— Элчин, айб менда эмас! — деб бақирди жонҳолатда.

Элчин индамади. Аста-аста босиб, ўлжасига яқинлашди. У ҳали ўлжасини бир зумда бўғизлаб ташлайдиган ваҳший кепатасига кирмаган эди. У ҳатто бир оз ҳаяжонланарди ҳам. Ўч олишга бунчалик осон эришаман, деб ўйламаганди. Ўлжага ташланиш учун вужудидаги ҳаяжон учқунини ваҳший алангага айлантириши лозим эди. Рўпарасидаги одам — Асадбекнинг қизи эмас. Ҳозир бўлмаса бир соатдан кейин ёки эртага амалга ошириладиган иш ҳам эмас. Чўнтакдан пичоқни ҳозир олиши шарт, эркаклигини ҳам ҳозир кесиб ташлайди. Сўнг... азобдан ўкираётган пайтда Ноилани қучган панжаларини шу пичоқ билан чопиб, узади. Ҳаммаёғи қонга беланиб тўлғанаётганида, жони чиқай деганида юрагига пичоқ санчади. Санчади-ю, суғуриб олмайди...
— Элчин, айб менда эмас, Худо урсин!
— Айб кимда?
— Балиқ бошидан сасийди. Асадбекнинг иши бу.
— Сен-чи?
— Мен пойлоқчилик қилганман.
— Жингалаксоч-чи?
— Жамшидми? Уям кирган... охирида.
— Ким ўлдирган?
— Жамшид.
— Яна ким бор эди?
— Кесакполвон...

Жалолшилимшиқ Элчиннинг важоҳатига қараб «барибир ўлдиради», деб ўйлади. «Мен ўламану улар маза қилиб юришсинми?.. Уларни ҳам топиб ўлдирсин...» деган ниятда шошилиб-шошилиб гапирарди. Ўлим шарпаси юзу кўзини силай бошлаганида гуноҳларга тавба қилиш керак, деб унга ҳеч ким айтмаган. Жон ширинлигини шу пайтгача ҳис этиб кўрмаган, неча одамни хонавайрон қилиб, нечтаси кўксига пичоқ санчганда қўли қалтирамаган бу банда тавба деган тушунчадан анча йироқ эди. Ҳозир тасодиф рўй бериб, бўйнидаги силлиқ каноп ечиб юборилса, нарида турган кавказлик йигитлар кўздан йўқолса, Элчиндаги ҳаяжон учқуни ваҳший алангага айланмай туриб, уни жон таслим қилиши аниқ бўлиб қоларди. Тасодиф ҳам, мўъжиза ҳам юз бермайди. Ҳадемай, қўл чўнтакдан чиқади. Нима олиб чиқади — пичоқми, тўппончами? Ё ўласи қилиб дўппослаб, сўнг дарахтга осишадими? Жалолшилимшиқ шуни билмайди.
— Демак... Биринчи Асадбек кирдими?
— Ҳа... у олдин ҳам келиб юраркан. Энди сенларга... девди... Кейин... Жамшид қизғаниб...

Жалолшилимшиқнинг гапи оғзида қолди. Тумшуғига тушган мушт зарбидан боши дарахтнинг заранг танасига зарб билан урилиб, гангиб ҳушидан айрилай деди.
— Бекор айтибсан, итвачча! — деди Элчин хириллаб. У ўлжасидан бу гапларни кутмаган эди. Ўлиши лозим бўлган ўлжаси Ноиласининг номини булғаб қўйди. Шу гап энди ўт олаётган ваҳший алангага мой сепди. Элчин ҳушини тамом йўқотди. Жалолшилимшиқнинг тум-шуғига яна бир-икки мушт туширгач, сўнг чотига тепди. Жалолшилимшиқ дод солиб ўкирди. Қорнига ҳам тепки егач, нафаси қайтиб хириллаб қолди. Элчин унинг кийимларини юлқиб, еча бошлади.

Катта кўчадаги машиналар шу ерга келганда бир оз секинларди. Одамлар йўл четида нималар содир бўлаётганини кўришарди-ю, тўхташга юраклари бетламасди, ё Худо «қўй, тўхтама, бу бандам шу жазоларга лойиқ», деб кўнгилларига солармиди, ҳарҳолда яна машиналарини тезлаштириб кўздан йўқолишарди.

Элчин нима қилаётганини ўзи билмай қолди. Пичоқни чиқариб унинг эркаклигини шарт кесиб ташлади. Ваҳший аланга тиллари унинг эсини олган, кўзини кўр қилиб қўйган эди. Сал нарида турган кавказлик йигитлар ҳам Элчиндан бундай ваҳшийликни кутишмаган эди. Элчин шу аланга ўтида қовурилиб, панжаларни кесишни унутди. Тўлғонишга ҳам қуввати қолмаган Жалолшилимшиқнинг чап кўксига пичоқ санчди.

У қасос умидида юрган кезлари малъуннинг кўксига пичоқ санчсам, таскин топарман, деб ўйларди. Мана пичоқ ҳам санчилди. Ўлжасининг калласи Исо Масиҳнинг бошидай ёнга эгилиб, осилиб қолди. Йигитлар яқинлашиб, жонсиз яланғоч танани дарахт шохига осишди... Элчин қасос лаззатини билолмай қолди...

...Прокуратура терговчиси Зоҳид Шарипов бу манзарадан бехабар, ўзича тахминлар қилади, калавани ечмоқчи бўлади. Ҳолбуки, калавани ечмоқ учун аввал унинг учини топмоқ керак. Зоҳид уни топа оладими— ҳозир билмайди. Кечга бориб олдидаги қора парда аста-секин кўтарила бошлагандай бўлди. Аввал машина таксопаркдан ўғирлангани аниқланди. Корхона раҳбарларининг яп-янги машинани ўғирлатиб қўйиб индамай ўтиришлари Зоҳидни ажаблантирди. Машина бирон ҳайдовчига бириктирилмаган, белги рақами ҳам олинмаган. Ҳайдовчилар янги машина келишини орзиқиб кутишади, унга эга чиқиш учун раҳбариятга фалон сўм пора беришади. Наҳот бундан бехабар қолишса? Таксопарк Зоҳид аввал ишлаган депарада жойлашган эди. Зоҳид Ҳамдам Толиповни топиб, шу масалани ечишни топширди.

Мурда тириклигида Шилимшиқ лақаби билан юрган Жалол Комилов экани аниқлангач, Зоҳид калаванинг учини топгандай бўлди. У қотиллик тасодифан юз бермаганига ишонарди. Жалолшилимшиқ бундан йигирма йил муқаддам, ўсмирлик чоғида бир марта қамалган. «Одоби ва меҳнатсеварлиги билан бошқаларга ўрнак бўлгани, гуноҳидан астойдил изтиробда экани» инобатга олиниб, қамоқдан барвақт бўшатилган. Бу «одобли бола» шундан бери милитсия назарига тушмаган. Бу «меҳнатсевар бола» йигирма йилдан бери бир жойда — шаҳар хўжалигида кўча супурувчи бўлиб ишларди. Ота-онаси дурустгина ерларда хизмат қилувчи йигитнинг кўча супурувчи — фаррош бўлиб ишлаши ажабланарли эди.

Зоҳид шу саволга жавоб топмоқ истагида шаҳар хўжалиги идорасига бориб, беш лўли хотиннинг қабулхонада бошлиқни қийин-қистовга олаётгани устидан чиқди.
— Бизне бирготга бегоналарне қўйсангиз, чўлтоқ супургингез бошингизга қолсен.
— Бўш жойга биз айтгон хотунне оласизме ё йўқме? — деди уларнинг бири, бошқалари ҳам айнан шу гапни чувиллаб қайтаришди. Бошлиқ уларнинг феълини яхши билгани учун тинчитишга ҳаракат қилмади. Лўли хотинлар жавоб кутиб ўзлари тинчишгач:
— Эрта-индин туғадиган хотинни ишга олмайман. Кетсаларинг кетаверларинг, штатни қисқартираман. Бошқаларнинг маошини ошираман, қайтага яхши, — деди.
— И-и-би... Хо-о... иштотне қисқортирсангез биз сизне иштонингизне қисқортамез-а, ака Расул омон бўлсалар бизне кўчага ташлоб қўймайлар. Советский власт борме ўзингизга. Ўша хотунне ишга оласез. Ҳа, хотун бўлгондан сўнг тўғоди-да. Сиз хотун бўлгонингизда ўзингиз ҳам туғар эдингизме?

Хотинлар бири олиб, бири қўйиб шанғиллайверишди. Бошлиқ темирдан экан, ҳаммасига чидади. Охири қизиқ томошага гувоҳ бўлиб ўтирган котибасига қараб бақирди:
— Буйруқ ёзинг: ўн етти кишидан иборат комиссия Қатортерак, Утюжний, Магнитагорский, Зелений кўчаларини бориб текширсин. Кўча ифлос бўлса, буларнинг ҳаммаси ҳайдалсин! Қирқ еттинчи статя билан бўшатилсин, ҳа!

Лўли хотинлар бир-бирларига савол назари билан қарашди. Улар «қирқ еттинчи статянинг» нима эканини билишмас эди. Бошлиқ шуни тилга олиб, пўписа қилдими, демак, бир гап бордир, деб чўчишди. Аввалгидай чувиллашмасдан қабулхонадан чиқиб кетишди. Бошлиқ қилган ишидан мамнун бўлиб котибасига жилмайиб қўйди-да, хонасига йўналди. Шунда эшик олдида турган Зоҳидга кўзи тушиб «Менда ишингиз борми?» деб сўради. Зоҳид ўзини таништиргач, бирданига чеҳраси мулойимлашди-да, қўшқўллаб саломлашди. Саломлашиш манзарасини четдан кузатган киши Зоҳидни азиз меҳмон, бошлиқни эса бу азиз меҳмонни орзиқиб кутган ва ниҳоят, умиди ушалган бахтиёр мезбон деб ўйлаши мумкин эди.
— Ишингиз оғир экан, — деди Зоҳид ичкари киргач.
— Э, нимасини айтасиз, — деди бошлиқ, ўзига-ўзи ачиниб. — Қон қилиб юборишади.

Бошлиқ Жалол Комиловни эслай олмади. Қоғозлар титкиланиши лозим бўлди. Ҳужжатлар қоидага амал қилинган ҳолда тартибли эди. Ишга қабул қилингач, «меҳнатсевар», «коллективда обрў-эътиборга эга» бўлгани учун доимий равишда пул мукофотлари берилиб турилган. Комиловнинг меҳнатдаги ютуқлари таърифланган сатрларни ўқиб, Зоҳид «бу ютуқлар учун юз сўм камлик қилар, биратўласи Сотсиалистик Меҳнат Қаҳрамони унвонига тақдим этаверишмаган экан-да», деб қўйди. Жалол Комилов маошини ҳам вақтида канда қилмай олиб турган. Агар ҳужжатга шак келтирилмаса, у кеча, ўлимидан сўнг ҳам келиб маош олган. Зоҳид «балки арвоҳларга ҳам пул зарур бўлиб қолгандир», деб ўйлаб, ҳужжатларни бошлиққа узатди:
— Коллективда обрўси баланд экан-у, коллектив бу баобрў одамнинг ўлимидан бехабар қолибди-да, а?

Бошлиқ хижолат бўлгандай бошини эгди:
— Кадрлар билан ўринбосарим шуғулланади. Бехабар қолибман, узр.

Ўринбосар буйрагидаги тошни тушириш учун Украинага даво истаб кетган экан. Зоҳидга айрим сирларни шу одам очиб бериши мумкин эди. Чунки Жалолшилимшиқни шу ўринбосар ишга қабул қилган, доимий равишда рағбатлантириб турган. Идора ходимларидан ҳеч ким Жалол Комиловни эслолмайди. Комиловни ҳатто бригада бошлиғи ҳам танимади. Бу Зоҳид учун ажабланарли ҳол эмас эди. Чайқовчи ёки иморат усталари мана шундай бир ерга илиниб олишади. Биров суриштирса — ишлайди, «жамиятнинг фаол аъзоси». Шундай қилинмаса, «текинхўр» деган тавқи лаънатга қолишади. Зоҳидга бир нарса қоронғи— ким бу, Комилов, чайқовчими, иморат устасими... Ё бошқа бир фирибгарми?

3

Зоҳид Жалолшилимшиқнинг уйини қийналмай топди. Халқда «дворянлар уяси» деб ном олган, икки қаватли ғиштин уйлардан бири Комиловларга тегишли эди. Отаси олти йил муқаддам бу дунё ташвишларидан қутулиб кетган экан. Онаси — эллик ёшларга борган, фақат бу дунё билан эмас, балки гўзаллиги билан ҳам хайрлашишга шошилмаётган кўҳликкина аёл эди. Даҳлизда кийим илгич ёнида иккита пастак курсининг бирига Зоҳид ўтирди. Иккинчисини мезбон эгаллаб, «ешитаман», дегандай қошларини чимирди.
— Жалол Комилов сизнинг ўғлингизми? — деб сўради Зоҳид.
— Ҳа... шунақа деса ҳам бўлади, — деди аёл, чимирилган ҳолда.
— Тушунмадим, — деди Зоҳид, — ўгайми ё боқиб олганмисиз?
— Ўзимники... ўзим туққанман. Лекин мени ташлаб кетган. Тирикми ё ўликми, билмайман, — аёл афсуслангандай хўрсинди. — Очиғи, қамоқдадир деб юрувдим. Суриштириб юрганингизга қараганда энди қамалса керак? У... қайси статя билан айбланаяпти?

Зоҳид унинг саволига жавоб бермади. Аёлнинг гапларидан ғаши келганини яширмай, саволга тутди:
— Уни охирги марта қачон кўргансиз?
— Эсимда йўқ. Ҳарҳолда ўн йилдан ошди. Ўзи унга нима бўлди, айтсангиз-чи?
— Ўн йил давомида «ўғлим қаерда экан», деб қидириб кўрмадингизми?
— Қаердан қидираман?

Аёл: «Ўғлим шаънимга доғ туширди, катта мансабларни эгаллаб ўтирган одамнинг боласи ўғри, саёқ бўлиши мумкинми? У эмас, мен ундан тонганман. Йўқолиб кетганидан ҳатто мамнун эдим», деса ҳақиқатни айтган бўларди.

Жалолшилимшиқ қамалганида аёлнинг кўзига дунё қоронғи кўриниб кетди. Ўша дамларда эл оғаси Аёлнинг ҳуснини эътибордан четда қолдирмай, «феодализм сарқитларига аёвсиз кураш очиб, аёлларни раҳбар вазифаларга дадил кўтариш» масаласини ҳал қилаётган эди. Бу масаланинг ечими ижобий ҳал бўлди, ўғли ҳам қамоқдан қайтарилди, аммо тўғри йўлга қайтмади. Қайтиши мумкин эмас ҳам эди. Ҳаром ишлар бандалардан пинҳон тутилиши мумкин, аммо шайтон етаклаб бораётган банданинг ҳар бир одими ўлчоғли, ҳар бир ножўя қадами учун жабр тортиши аниқ.

Иккинчи боласини олдириб ташлаган, қорнини маҳкам боғлаб юриб қад-қоматини сақлаб қолган Аёл оналик бахтини асраб қололмади. Ўғли кетар маҳалида «Мен сизлардан нафратланаман, сизлар нопок одамсизлар!» демади. Жалолшилимшиқ бундай юксак туйғулардан йироқ эди. «Мен қандай хоҳласам, шундай яшайман, ишингиз бўлмасин», дедию ғойиб бўлди. Эр-хотин орасида машмаша қўзғолганида Аёл эрига шундай дерди. Буни қўшни хонада ёлғиз ўтирган Жалол эшитарди. Уйдан чиқиб кетаётганида Жалол буни пичинг тарзида айтмади. Аёл «ўзимнинг гапим билан ўзимга тарсаки урди», деб ҳам қайғурмади. «Майли, ўзича бир яшаб кўрсин. Бурнини тортиб, чориғини судраб қайтиб келади», деб ишонди. Кутгани бўлмади. «Давлат аҳамиятига молик ишлар»га шўнғиб кетиб, ўғлини кўпам эсламади. Ҳатто уйини ўғри уриб кетганидан кейин ҳам ёдга олмади. Ўғрибоши ўғли экани ҳам хаёлига келмади. Милиса чақиртирмади, искович ит уйини ҳидламади. У «шунча бойликни қаердан тўплаган эдингиз» деган саволдан чўчиди.

Йилларнинг бешафқат панжалари сочларини оққа бўяб, кўзлари атрофига ажин торта бошлади. «Феодализм сарқитларига қарши курашаётган» эл оғаси «янги раҳбар кадрлар» билан банд эди.

Аёл эрини дафн этгач, ёлғизлик деган дарднинг нима эканини тотиб кўрди. Кечалари қўрқадиган бўлди. Бу азоблардан қочиш учун хизмат сафарига кўп чиқа бошлади. Бу ҳаракат «ишга сидқидилдан берилиш», деб баҳоланди

Бу гап аёлнинг оналик туйғусини қитиқлаб уйғотди. Бироқ кул остидаги чўғ аланга олмади. Чунки аёл юксак маданият соҳибаси эди. Бу гапдан даҳшатга тушмади, уввос тортиб йиғлаб юбормади. Индамай бурилди-да, катта хона томон юрди. Қия очилиб қолган эшикдан чўғдек қизил гиламнинг, олтин рангли мато қопланган диваннинг бир чети кўринди. Ичкарида гугурт чақилди — Аёл сигарет тутатди. Юксак маданиятли аёл Зоҳидда нафрат уйғотди. У чиқиб кетаверса ҳам бўларди, аммо кўнгилга бир шумлик оралаб, аёлнинг чиқишини кутди. Аёл ҳаялламади, қўлида тутаётган сигарети билан чиқди:
— Ким ўлдирибди, ушладингларми? — деди титроқ овозда. У дардга берилган ҳолда ҳам ҳокималик минорасидан пастга тушмаган эди.

Зоҳид саволга жавоб бермай, чўнтагидан сурат чиқариб Аёлга берди. Аёл дарахтга осиб қўйилган яланғоч мурдани таниди. Шу нафасда юксак маданият чекинди, ҳокималик минорасидан тушиб, оддий аёлга айланди — кўз олди қоронғилашди. Зоҳид беҳуш аёлни кўтариб, ҳашаматли хонага кирди. Уни диванга ётқизиб, ошхонадан сув олиб чиқиб юзига сепди. Аёл сесканиб, кўзини очди. Зоҳидга узоқ тикилди-да:
— Бераҳм экансан, — деди пичирлаб. Кейин буюрди. — 33-19-23 га телефон қил, тез ёрдам етиб келсин.

Зоҳид «бу маданият соҳибаси яна ўлиб қолмасин», деб айтганини бажо қилди. «Тез ёрдам» Зоҳидни ҳайратга солиб, тезлик билан етиб келди. Оқ халатли тўрт аёл бирданига кириб келиб, гап-сўзсиз тез ишга киришиб кетишди. Зоҳид уларнинг ҳаракатларини кузатиб, бу уйга тез-тез келиб туришларини англади. Бирпаснинг ўзида юрак уриши тасмага туширилди. Эмланди... «Шунақа имтиёзлар борлиги учун ҳам одамлар мансаб талашишади-да», деб ўйлади Зоҳид.
— Бир оз чарчабсиз, ўтиб кетади, — деди дўхтир хотин.
— Ўтиб кетиши қийин. Бу сафар ёмон келди. Ҳушимдан кетиб қолдим. Статсионарга ётмасам бўлмайди.

Дўхтир мансабдорларнинг шифохонасига телефон қилиб бўш жой борлигини билгач, «ўзингиз юра оласизми?» деб сўради. Аёлнинг «оёқларидан жон чиқиб кетганини» эшитиб, узун замбилни келтиртирди. Замбилнинг бир учидан Зоҳид кўтарди. «Оғир касал» эшикларни қулфлатишни унутмади.

Зоҳид «тез ёрдам» машинаси ортидан қараб қолаверди: «Туғмоқ бору кўммоқ йўқ экан-да...»

XII боб

1

— Янглишмаяпсанми?
— Йўқ, рост, адаси...

Манзуранинг гапи Асадбек юрагига ханжар бўлиб санчилди. Қизи ҳам унга ботиниб қаролмаётган эди. У ердан кўзини узмай синиқ овозда салом берганида Асадбек додлаб юборай дерди. Бу мўъминлик ўрнига қизи сочларини юлиб, «Дод, мусулмонлар, мен отам туфайли шарманда бўлдим!» деб фарёд урганида Асадбек бунчалар эзилмасди.

Пиёла синса чегалаб ишлатиш мумкин, аммо синиқнинг изи йўқолмайди. Бу пиёлада иззатли меҳмонга чой узатилмайди. Номус ҳам шундай. Инсон яшайверади, бироқ, шармандалик изи бир умрга сақланиб қолади. Бу ёруғ оламда ризқи узилгунга қадар номуссизликнинг оғир юкини ортмоқлаб юраверади. Асадбек буни билгани учун ҳам тўлғоқ азобларини бошидан кечирарди. Одамлар «фақатгина ўлимнинг чораси йўқ» дейишарди. Ўйлаб қараса, номусга тушган дарзни кетказишнинг ҳам иложи йўқ экан.

Ҳаёт... номус... ўлим... Номус билан яшамоқ ёки номуссизлик ботқоғини кечиб ўтиб ўлим жарига қуламоқ... Қизлар ўзларини ёқишади, осишади...

Шу фикр Асадбекнинг хаёлини ёритиб ўтиши билан юраги хаприқиб, нафаси бўғзига қадалиб қолгандай туюлаверади. Хотини гапига амал қилиб уч марта «астағфируллоҳ» деб қўяди. Шундай пайтда Худо борлиги эсига тушиб, Яратгандан мадад сўрайди. «Умр бўйи азоб чекканим етмасмиди» дейди. «Одам бўлиб нима рўшнолик кўрдим», дейди. «Нимаики азобинг бўлса, барчасини тотиб кўрдим-ку, энди тинчлигимни бер, агар берган бойликларинг эвазига тинчлигимни олган бўлсанг, бойликларингни қайтариб ол, мени гадо қил, аммо болаларимнинг бахтини бер, мен ҳам одам бўлиб бир роҳат кўрай, бир кеча тинчгина ухлай, бир кун бир пиёлагина чойни болаларим даврасида тинчгина ичай...» дейди.

Асадбек кўнглидан нолалар учаверади. У билмайдики Худо нолаю фиғонларга қараб эмас, бандасининг юрган йўлига қараб ажр беради.

Манзура эрининг хаёлга ботганини кўриб, индамай тураверди. Ниҳоят, Асадбек нигоҳини бир нуқтадан узиб, хотинига қаради:
— Узатворамизми?
— Кимга? — деди Манзура.
— Билмайман...

Чиндан ҳам аниқ билмайди...
— Қизингиз... бир гап айтди.
— Нима дейди?
— Ўша одамнинг панжалари сал қийшиқроқ эканми...

Бу гапни эшитиб Асадбекнинг кўзлари чақнаб кетди.
— Ўнг панжасими?
— Ҳа, шунақа деди...
— Ҳе, оналарингни...— Асадбек сўкиб юборганини ўзи ҳам билмай қолди. — Энди айтадими шу гапни?!

Демак, Элчин! Бошқа далил-исботнинг кераги йўқ.

Асадбек — яраланган йўлбарс ҳолидаги одам — ким ўқ узганини энди аниқ билди. Энди у малъунни бир ҳамла билан йўқ қилиб ташлаши мумкин. Шилимшиқ тортган азобларни Элчиннинг ўзи ҳам тортиб кўриши ҳеч гап эмас. Буни ҳозироқ бир неча дақиқадан сўнг амалга оширса ҳам бўлади.

У ҳовлига чиқди. Орқасидан эргашган хотинига эътибор бермай дарвоза томон юрди. Одатдагидек рўпарасида Жамшид пайдо бўлди.
— Отарчини топиб кел. Ернинг тагидан бўлса ҳам топ, — деди-да, кўчага чиқиб машинага ўтирди.

2

Ўтирса ҳам, турса ҳам Элчиннинг кўз олдига ўлжаси келавериб, уйқуси қочди. Кўзлари киртайиб, оғир хасталикка учраган одам кепатасига тушди. Қасос юрагига лаззат эмас, азоб беражагини у ўйлаб ҳам кўрмаган эди. Бахтига Зелихон бор экан, ёлғизлатмади. Йўқса, жинни бўлиб қолиши ҳеч гапмас. Икки марта Анвар келди. Тоғасининг чордоғидан ниманидир топганини айтди. Элчин бу гапларни эшитадиган аҳволда эмас эди — парво қилмади. Ўзи Анварни бир йўқлаб бормади.

Зелихон тонгда бир юмуш билан чиқиб кетаётганида Элчин дераза ёнида хаёлга чўмиб турган эди. Икки соатдан кейин қайтиб келиб қараса, яна шу аҳволда турибди.
— Э, ошна, жуда оширвординг, — деди у, Элчиннинг елкасига енгил мушт тушириб. — Кўзингни оч, эркак! Тварларга ўхшаб қолма.

Элчин хазин жилмайиб, шеригига қаради.
— Бу дунёда ҳамма твар, — деди.
— Менга қара, сенга файласуфлик ҳечам ярашмайди. Сен буюк одамсан, лекин файласуф эмассан, — Зелихон шундай деди-да, унинг белидан қучиб, маҳкам сиқди. — Сен мишиқи боласан. Билиб қўй, мен мишиқиларни ёмон кўраман. Эркакмисан, чотингда безинг борми, эркакка ўхшаб юр.
— Зели оға, сиз мени тушуна олмайсиз, — деди Элчин, унинг қучоғидан бўшагач. — Мен унга эзилаётганим йўқ. Бошқа гап бор.
— Қанақа гап?
— Сизга айтолмайман.
— Акангдан ҳам сир яширасанми?
— Зели оға, бу ўзим билан ерга кирадиган сир, хафа бўлманг.
— Анави твар бир нима деган бўлса, сен ишонгандирсан. Бундай қилма. Ўлим олдидан одам ҳар нима деб валдирайверади. Зелихон сенга дўст эмас, душман, деса ҳам ишонармидинг?
— Бу гапни чайнамайлик.
— Ўзинг биласан. Лекин сен кўзингни оч. Биз Асадбек ташлаган қармоққа илиндик. Ўша тварни айнан сен ўлдиришингни истаган эди. Истаги амалга ошди. Хўш, энди нима қилади? Сен нима қиласан? Тинчийсанми?
— Гўрда тинчийман мен.
— Буни Асадбек биладими? Билади. У ўқилон. Ўйин энди бошланади. Сен пиёдаларни сурсанг, у фарзинни ишга солади. Икки биқинида фил, икки ёнида тўра. Сен-чи? Сен фақат асп юриш қилишинг керак. Ҳар бир отнинг саккизта йўли бўлади. Буни ўйлаяпсанми? Асадбекнинг иши пишиқ, вақтдан ютади. Сенга тсейтнот хавф солиб турибди.
— Қўрқмайман, менда ҳам фарзин бор, буни ҳисобдан чиқарманг.

Зелихон Элчиннинг мақсадини фаҳмлаб, мийиғида кулиб қўйди.
— Уста ўйинчи бошидаёқ фарзинларини қурбон бериб, алмаштириб ташлайди.
— Мен алмаштирмайман. Мот бўлсам ҳам фарзинни қурбонликка ташламайман.
— Қара, биров келяпти.

Ҳовлида Жамшид кўринди, у бегонасирамай, атрофга алангламай худди ўз ҳовлисига кириб келгандай тўғри уй томон юрди.
— Асадбекнинг ишончли одами. Мени боғлаб кетган шу эди.
— Ўзингни бос, сир бой берма. — Зелихон шундай деб тезгина диванга бориб ўтирди-да, чўнтагидан қарта чиқариб, стол устига ёйди. Жамшид кириб салом бергач, Зелихонга хавотир кўзи билан қараб қўйди.
— О, братан, салом, — деди Зелихон ўрнидан туриб. У бир тутам қартани чап қўлида елпиғич қилиб ушлаганича Жамшидга яқинлашиб, ўнг қўлини узатди. — Қани, остонада турманг, кировринг.

Элчин унинг саломига алик ҳам олмади. Қўл ҳам узатмади. У ёлғиз бўлганида Жамшид: «Юринг, Бек акам йўқлаяптилар», деб бошлаб кетаверарди. Бегона одамнинг ўтириши, Элчиннинг совуқ қараши уни бир оз сергаклантирди.
— Қани, кирсангиз-чи? — деди Зелихон.
— Уй эгаси таклиф қилмасалар...
— Э, уй эгасини қўяверинг. Бугун чап ёни билан турган. Ютқизиб қўйиб, алам қиляпти. Қани, бир қўл ташлаймизми?
— Майли, — Жамшид Элчинга қараб олиб, ичкари кирди.
— Йигирма бирми ё фантомасми? — деб сўради Зелихон.
— Менга барибир, — деди Жамшид.
— Демак, устасига фарқи йўқ экан, — Зелихон шундай деб чўнтагидан тахи бузилмаган қарта олиб Жамшидга узатди. — Бузиб, чийланг.

Жамшид қартани чаққонлик билан аралаштирди. Унинг қўли ишда бўлса ҳам, хаёли Элчинда, ундан кўз қирини узмас эди.
— Кўн элликдан, — деди Жамшид, ўртага эллик сўмлик ташлаб.
— Яхши, — деди Зелихон қўлларини бир-бирига ишқаб, сўнг чўнтагидан тўртта йигирма бешталик чиқариб, элликталикнинг устига қўйди, — Эллиги қоронғуси. Юриш юздан бўлди.

Жамшид яна иккита элликталикни ташлади.
— Ўзингизга қайтди, юриш икки юздан.
— Ў, бу эркакнинг ўйини бўлди. Шу пайтгача қаерда эдингиз, эркак?!

Жамшид учтадан қарта узатди. Зелихон қарталарга бир қараб олиб ўртага учта юзталик қўйди. Жамшид жавоб қайтарди. Юриш минг сўмга етганида Жамшид қартасини ташлади.
— Ютдингиз, акахон. Энди менга рухсат. Сиз билан роса чақчақлашадиган хонаси экан-у, аммо вақт зиқроқ. Акахонимда иш бор эди. Бир жойга ўтиб келишимиз керак.
— Ҳозирми? Ие, бу ёғи неча пулдан тушди? Бир нозик одамни кутиб турувдигу? Жуда зарур бўлса... Элчин, братан, мен шу ерда кутиб турайинми?
— Шунақа қилинг, укахоннинг сазаси ўлмасин.

Жамшид, худди янги йил кечасидаги каби, индамай кетди. Элчин ҳам уни гапга тутмади. Машинанинг орқа ўриндиғида ўтирган Элчин жингалаксоч бу йигитдан кўз узмасди. Жамшид орқа томонидаги ўткир нигоҳ таъқибини сезиб, дам-бадам кўзгу орқали унга қараб оларди. «Уриб, боғлаб кетганимнинг алами бор», деб ўйларди у. Жамшид Шилимшиқнинг гапларини қайдан билсин. Ҳозир нигоҳини қадаб ўтирган одамнинг қаҳрли ҳукм чиқараётгани ҳам унга маълум эмас. Зелихон «ўлим олдида валдирайверади», дегани билан, Шилимшиқнинг гаплари Элчинга ҳақиқатдай туюлаверади. «Бу йигит ҳам хотиним билан бўлган», деб ишониш, Ноиланинг хотирасига балчиқ чаплаш билан тенг. Айни пайтда, ўзининг гуноҳини ҳам бир карра оширади. Элчин ҳар қанча гуноҳ юкини кўтаришга рози. Суйган ёрининг хотирасини булғанишини истамайди. Лекин у бечора нима қилсин? Ҳақми ё ноҳақми — гап айтилди. Биров орқали эмас, ўз қулоғи билан эшитди. «Ўлим олдидан валдирайверади, эмиш... Балки сўнгги нафасида Худо инсоф бериб рост сўзлаб кетар?.. Уйимга келганини бу ҳайвоннинг ўзи ҳам айтди-ку? Энг муҳими — келган! Ичкарига кирганми, кирмаганми — бу билан ишим йўқ!» Ҳукм қатъий эди. Энди ижро этишгина қолди.

Шу гапдан сўнг учовлари ҳам жим қолишди. Уларнинг ҳолига четдан қараган киши бу мотамсаро одамлар бировнинг руҳини эслаб, эзилиб ўтирибди, дейиши мумкин эди. Аъёнлар хўжайинларининг феълини яхши билишади. Ҳозир Асадбекнинг жаҳли чиқиб, ақли кетган пайт — унга гап айтиб маъқул қилиш қийин. Асадбек эса бақиришга бақириб қўйиб энди афсусланади. Чунки мақсадини айтгани ҳамоно аъёнларининг ажабланишларини олдиндан билган эди. Оғир-босиқ ўтириб маслаҳатлашаман, деб ният қилганди, ниятини ўзи бузди.
— Ҳайдар, бошқа илож йўқ, — деди Асадбек, энди ҳазин овозда.

Кесакполвон ўттиз йиллик қадрдонига ачиниб кетди. Улар фақат роҳат жомини сипқормай, алам-ташвишлар заҳрини ҳам татиб кўрганлар, ноумидлик кўчаларида санқиган даврлари ҳам бўлган, аммо у Асадбекни сира бу эзгин ҳолда кўрмаган.
— Шу қарорга келган бўлсанг, ўйлаб кўргандирсан. Биз нима дердик. Бизга қизинг бахтли бўлса, ўзинг тинч бўлсанг бас. Аммо айтиб қўяй, агар...
— Агар-пагари йўқ.
— Тўхта, гапимни кесма. Агар у отарчи қизингнинг бахтини қора қилса, менга индамайсан, йўлимни тўсмайсан, гапингга кирмасам, хафа бўлмайсан.
— Ҳайдар акам тўғри гапни айтяптилар, — деди Чувринди.
— Мени одамларнинг фикри қизиқтиряпти. Маҳмуд, одамлар нима дейди?
— Одамларми? — Чувринди ҳозир шуни ўйлаб ўтирган эди, шу сабабли жавобни кечиктирмади. — Минг оғиздан минг бир гап чиқади. Шу пайтгача нима гаплар чиқмади, биласиз-ку?
— Шу пайтгача чиққан гаплар фақат менинг ўзимга тегишли эди.
— Энди чиқадиган гапларни ҳимматингизга буриб юборамиз. Азоб чекиб келган санъатчига ҳиммат кўрсатиб, куёвлик сарпосини ёпди, деймиз. Одамларни шу фикрга кўндириш қийин иш эмас.

Маҳмуд — Чувриндининг босиқ ҳолда ишонч билан гапириши Асадбекка далда бўлди. Асадбек бу айўнга ишонади. У шундай дедими, бас, демак, шундай бўлади!
— Депутатинг мулла минган эшакдай бўлиб ўтирибди. Гаплашасанми? — деди Кесакполвон, асосий масала ҳал этилгач.
— Кўзимга кўринмасин, ким чақирди уни, сенми, Маҳмуд?
— Ўзи келибди, зарур иши бормиш. Гапини эшитиб кўринг.
— Чақир, тезроқ гумдон қил. Ҳозир отарчи келиши керак.

Чувринди эшикни очиб, Орзубекни имлаб чақирди. Депутат одатига хилоф иш қилмади, остона ҳатлаб ғудранди.
— Нима дейсан? — деди Асадбек унга ўқрайиб.
— Шу... розилигимни айтмоқчи эдим.

Асадбек унинг розилигини англаган бўлса ҳам, атайин гапни айлантирди:
— Нимага розисан?

Орзубек «мени калака қиляптими ё эсидан чиққанми?» деб каловланди.
— Бунча довдирайсан, гапир гапингни, — деди Асадбек.
— Қизимни сўраган эдингиз... бир азият чеккан одамга... шунга маслаҳатлашдик... Розимиз.
— Ҳайдар, шунақа гап бўлувдими? Э, ҳа... жуҳуд хотининг хўп, дедими?
— Бек ака, бир илтимосим ҳам бор эди.
— Илтимосми, шартми?
— Илтимос... Шу... Ёқубжонов бошқа ишга ўтибди. Шуни гаплашиб берсангиз... Менинг кўзим учиб тургани йўқ-ку, ўзингиз биласиз, мансаб талашадиган одаммасман, аммо... кўпнинг манфаати учун керакмикин?..

Асадбек бу гапни эшитиб, унга қаттиқ тикилди. «Эси жойидами бунинг, — деди у ўзича. — Мени Худо деб ўйлайдими? Ёқубжоновнинг ўрнига мен одам қўярканманми? Катта олимлар бошқариб келган иш бўлса... Бу етим тойлоқ илм кўчасининг ёнидан ўтганми ўзи? Депутатлиги камлик қилибдими? Пошшоликка даъвогарлиги чин бўлиб қоляпти-ку? Ёқубжоновнинг ўрнини эгалласа, Оқсаройга бир қадамгина йўл қолади. Анойи эмас бу тойлоқ. Қўлимдан келса ҳам қўймас эдим буни...»
— Бу илтимос эмас, шарт. Қизингни амал курсисига алмаштирмоқчимисан?!
— Ундай эмас, Бек ака...
— Овозингни ўчир, ҳароми! Мени гўл деб ўйлаяпсанми?! Ҳеч бўлмаса кўнгил учун «куёв бўлмиш ким ўзи?» деб сўраб қўй. Сен жавобингни қачон айтишинг керак эди? Ўн кун ўтдими, Ҳайдар?
— Сафарга кетиб қолдим, узр.
— Иккинчи қадам босма бу ерга. Сенга айтилган одам аллақачон уйланиб бўлди. Жўна!

Орзубек тепки еган ит ҳолига тушиб, орқасига ўгирилди.
— Бунчалик хор қилманг-да ака, — деди Чувринди, депутат чиқиб кетгач, — бизга асқотиб қолиши мумкин.
— Пошшо бўлгандаям сариқ чақага олмайман буни. Бўтқа!

Эшик қия очилиб, Бўтқанинг башараси кўринди.
— Ҳозир чиққан сўтакнинг қизи бор.
— Бек ака, ундай қилманг, — деди Чувринди.
— Сен аралашма. Қизини бозорга солишнинг қанақа бўлишини бир билиб қўйсин! Бўтқа, тушундингми, айтганимни қил. Отарчи келмадими?
— Бўйдоқ олиб келди, кутиб ўтирибди.
— Чақир, кирсин.

Элчин кириб салом берди. Аъёнлар унга таниш эди. Қамалмасидан илгари буларга хизмат қилган, Кесакполвон киму Чувринди ким — яхши биларди.

Асадбек ўрнидан туриб, бир қадам босиб қўлини узатди. Бу марҳамат унча-бунча одамга кўрсатилмас эди. Бу марҳаматга эришганлар муборак қўл ҳавода узоқ вақт муаллақ қолмаслиги учун чаққон келиб, тавоф қилар даражада сўрашар эдилар. Элчинга бу маълум бўлса-да, шошилмади. Битта-битта босиб келиб, бошқалар каби қўшқўллаб эмас, ёш болаларга ўхшаб бир қўллаб сўрашди. Унинг бу беадаблиги аъёнлар эътиборидан четда қолмади. Улар савол назари билан Асадбекка қараб олишди. Асадбек юзида ўзгариш сезилмагач, улар ҳам қадрдонлардек сўрашишди. Ҳар- ҳолда «Куёвни пайғамбарлар сийлабди», деган нақл бор.
— Ҳофиз, оламда бормисиз, йўқламасак юз сўмлик пулдай кўринмасдан юраверар экансиз-да, а?
— Сизнинг ишингиз кўп, ака, биз эса бекорчи одаммиз. Бошингизни оғритмай, дейман-да, — деди Элчин.
— Сиздай меҳрибон укахонлардан яна иккитагина бўлса жаннатда юргандай роҳат қилиб яшарканмиз, — деди Асадбек, — Ҳайдар, ҳофизнинг ашулалари эсингдами? Эшитиб нақ эриб кетардик-а? «Қаро кўзим»ни қийворади-я! «Қаро кўзим, кел энди, мардумлиғни фан қилғил»миди? Бу «кел, энди сен ҳам одам бўлгин», дегани экан-да, а?
— Ҳа, шунақароқ, — деди Элчин, Асадбекнинг пичингларини ўзича талқин қилиб.
— Нимага йўқлаганимизни биларсиз-а, ҳофиз?
— Ҳайронман.
— Ҳайрон бўлманг. Шилимшиқни ўлдиришингизни билардим-у, аммо бунақа ваҳшийлик қиласиз, деб ўйламовдим. Сиздек нозиктаъб одам...
— Тушунмадим, Шилимшиғингиз ким?
— Ўзингни овсарликка солма. Камбағални сийласанг, чориғи билан тўрга чиқаркан. Сен хуморингни босарсан, деб мен уни асрадим. Ошни мен пиширдим. Суздим, ҳатто ошатдим. Сиз, оғайничалиш, фақат чайнаб ютдингиз. Энди нафсингиз ором олгандир, а?

Элчин истеҳзо билан кулиб қўйди.
— Қорни оч одам бир ошам ошга қаноат қилармикин?
— Жон ширин бўлса — қаноат қилади. — Асадбек шундай деб аъёнларига қараб олди. Улар бош ирғаб, тасдиқ ишорасини қилишди.
— Жон ширин... — деди Элчин истеҳзоли жилмайиш билан.

Жондан тўйган болтадан қайтмас экан. Аслида Элчин учун жоннинг ширинлиги қолмаган. Ким билан олишаётганини, оқибати нима бўлишини билади. Ўлиги қайси бир овлоқда ёки қайси бир сув остида чирийдими ё кафанланиб кўмилиш насиб этадими — шугина қоронғи унга. Асадбек уни гўл балиқ фаҳмлаб, ўлимтик чувалчангли қармоқни ташлади. Қармоққа илинтирдим, деб ўйлаяпти. Асадбек ишнинг кўзини билади. Лекин Зелихон бекорга академик дейилмайди — буниси ҳам бор. Шилимшиқ масаласида Асадбекнинг ҳисоби хомроқ, Зелихонники аниқроқ бўлди. Асадбек Элчиннинг ўткир зеҳнли маслаҳатчиси, мард ҳомийси борлигини ҳисобга олмаган эди. Зелихон билан Элчин эса барчасини ҳисоб-китоб қилиб қўйишган. Асадбекнинг одамлари Шилимшиқни кузатажагини билгани учун ҳам Зелихон ўзини панага олди. Шилимшиқнинг аҳволи милисадан аввал Асадбекка маълум бўлажагини ҳам тахмин қилиб, янглишишмади. Энди нима қилмоқчи, нима демоқчи — шуниси қоронғироқ. Элчин Асадбек билан пичинг тошлари отиб ўйнашиш хатарли эканини билиб, ён босгандай бўлди. «Жон ширин», деб тан олиши шундан.
— Сен «бир ўзимман», деб қасам ичувдинг, — деди Асадбек.
— Ҳа, бир ўзимман, — деди Элчин хотиржам.
— Бориб катта холангнинг эрини лақиллатасан. Арманими, ким у йигитлар?
— Ҳа, уларми?..— Элчин узоқ танишларини эслаб қолгандай жилмайди. — Ўзим ҳам аниқ билмайман. Пулга ёлловдим. Пулни ола солиб жўнаворишган. Қаёқдалиги номаълум.
— Мен сенга уларни топиб бер, деяётганим йўқ. Сен одамим йўқ, деб қасам ичдинг. Мен сенга бегона миллатдан одам аралаштирма, дедим. Сен ҳажиқизнинг ишини қилдинг. Сен мард бўлсанг, мени ўз қўлинг билан ўлдир. Қаёқдаги ҳаромиларни бошлаб келма. Қиморда ғирромни ёмон кўришимни биласан-а? Ҳаёт ҳам бир қимор. Эпласанг — ўйна. Эпламасанг — четга чиқ. Сен эплай олмас экансан. Қиморнинг ўз қонун-қоидаси, нозикликлари бор, а? Сен қўлингда туз бўлса босар-тусарингни билмай қолардинг. Бу ўйинда ҳам шу ҳолга тушдинг. Қўй, ука, сен энди бу ўйинлардан узоқроқ юравер.

Асадбекнинг бирдан мулойимлашиши Элчинни ажаблантирди.
— Сен бу ўйинда иккита хатога йўл қўйдинг. Биринчиси — академикни «туз» деб билдинг.
— Қайси академик? — Элчин ўзини гўлликка солмоқчи бўлди.
— Ҳофиз, Зелихон Хангреев кимлигини билмасам юрган эканман-да «ўқилонман», де-эб керилиб. Ҳаддингдан ошма, бола. Ҳар ишнинг ўз ҳадиси бўлади. Академик — ўғри. Ўғриликда унга тенг келадиганини топиш қийин. У аҳмоқ, нимага бунақа ишларга аралашиб юрибди, ҳайронман. Ошнанг қаерни мўл қадам босишини мен биламан. Ўша ерни истасам, супуриб тозалаб қўяман, истасам, чўғ ташлаб оёғини куйдираман. Айтиб қўй унга, мен билан ҳазиллашмасин. Чиққан жойига қайтиб кирғизвораман худди...
— Зели оға менга у ёқда кўп ёрдам берди, — деди Элчин, — биз ака-укадай бўлиб қолганмиз. Унинг бу ишларга алоқаси йўқ. Алоқаси бўлганида ҳам шарт бузилмас эди. У шу ерларда ўсиб-улғайган, мусулмон фарзанди.
— Бунинг менга аҳамияти йўқ. Энди иккинчи хатоингни айтайми? Сен ҳеч бир ишни пинҳона қилолмайсан. Қийшиқ бармоқларинг қоронғида ҳам панд беради.

Бу гапдан кейин Элчиннинг баданига муз югурди. «Демак, қизи масаласида тамом қўлга тушибман...»
— Сенга уйлан, девдим, а? Ҳа, уйлан, ота ўрнида ота бўлиб тўйингни ўтказиб берай.

4

Асадбек шу гапи билан суҳбатга якун ясади...

Элчинни ташқарида Жамшид кутиб турар эди.

«Ота ўрнида ота бўлиб тўйингни ўтказиб берай... Сени куёв қиламан, деганими бу? — деб ўйлади Элчин. — Қизига ким тегинганини энди аниқ билибди. Шунга қарамай, юмшоқ гапирди. Мен у учун кимман? Истаса, қиймалаб ташлаб хумордан чиқиши мумкин-ку? Нима учун гуноҳимни кечди? Қизидан ўн тўрт ёш катта бўлсам... Бу ёқда қамоқ...»

Элчин саволларга жавоб топишга қодир эмасди. У қиз воқеасидан сўнг «менга бермай кимга берарди», деб ўйлаган, кейинроқ эса бу фикри хом эканига амин бўлиб эди. Аслида мақсад — ўч олиш. Асадбекдай одамга номус азоби нима эканини билдириб қўйиш эди. «Куёв бўлсам-чи?» деган ўткинчи ўйга фаришталар омин деб юборишини ким билиб ўтирибди? Элчин Асадбекни қаҳри қаттиқ, кунда бир челак инсон қони ичадиган одам сифатида билмаса ҳам, ҳарҳолда унга-да инсон юрагини берган, у ҳам бандасининг туйғуларидан бебаҳра эмас, деган тушунчалардан йироқ эди. Қизи тақдирини ўйлаб, неча тунни бедор ўтказгани ҳам у учун номаълум. То ўлгунига қадар бу сир унга ошкор бўлмайди.

Асадбекнинг қарори Зелихонни ҳам гангитиб қўйди. Осмонга устун бўлай, деб турган одамнинг фарзандини номусли қиз сифатида ўз тенгига узатишга қурби етмас эканми? Нима учун шундай қилмади? Номуссизликдан қўрқдими? Қанчадан-қанча бузилган қизлар никоҳ кечасининг номус имтиҳонидан аъло даражада ўтаётганларида Асадбекнинг қизи қоқилар эканми? Шундай дўхтирлар борки, керак бўлса ўнта туққан аёлни ҳам онаси ўпмаган қизга айлантириб қўяди. Шундай замонда, шундай қудрат соҳиби бўлмиш Асадбекнинг қадам босиши уларни ҳайрат тўрларига ўраб ташлади.
— Асадбек сенга шанс беряпти, — деди Зелихон, ўйларини бир ерга жамлашга ҳаракат қилиб. — Ундан фойдаланмасанг, оёқ остида ўралашиб юрган аҳмоқлардан фарқинг қолмайди. Агар уйланмасанг...
— Ўлдирадими?
— Балки ўлдиртирар. Сенигина ўлдирса майли эди, бу ёқда мен ҳам борман. Лекин мен бунақа ўлишни хоҳламайман, билиб қўй. Сен Асадбекнинг кафтида турибсан. Истаса, сенга бир бурда нон беради, истаса, гўштингни итларга ташлайди. Сенинг гўштингни еган ит ҳаром ўлса керак, шунинг учун итларга раҳм қилгину берган бир бурда нонини олиб еб, унга раҳмат айт.

Зелихон вазиятни юмшатиш учун гапни ҳазилга бурди. Элчин унинг мақсадини англаб, ўзини мажбур қилиб жилмайди.
— Раҳмат айтаман, агар чиндан ҳам қизини менга берса, мушкулимни анча осон қилган бўлади.
— Яна қанақанги мушкулинг бор? Сен қасос олдинг. Эркаклик бурчингни бажардинг. Армонинг ҳам, мушкулинг ҳам йўқ энди. Гумонларни йиғиштириб ташла, одамга ўхшаб яшайвер.
— Одамга ўхшаб яшаб бўларканми ҳозир? — Элчин овозини бир парда кўтарди. Зелихоннинг ўгитидаги фалсафа унга ёқмади. — Атрофни шоқолу тулкилар босиб ётса, ким одамга ўхшаб яшай олади? — У ўртага савол ташлади-ю, жавоб кутмай сўзини давом эттирди. — Арслонлар ичида яшасам ҳам алам қилмасди. Арслонлар қирилиб кетган, шунисига доғман.
— Шоқоллар орасида тулки бўлиб яшамоқчимисан? Тулкиларни тулки бўлиб, шоқолларни шоқол бўлиб қирмоқчимисан? Сен шунчалар бефаҳммисан? Билиб қўй: шоқолу тулкилар биздан аввал ҳам бўлган, биздан кейин ҳам қолади. Уларни ҳеч ким қириб ташлай олмайди. Бу биринчи масала. Иккинчи масала шуки, мен олим эмасман. Мен бир ўғриман. Ҳаёт ҳақидаги менинг фалсафам бошқа, сеники бошқа, Асадбекники бошқа. Дунёда тирик зот борки, ҳаммаси ҳаётдан аламзада. Ҳамма алам билан юради. Баъзилар бу аламини ичига ютиб сабр қилиб яшайди. Баъзилар аламга қул бўлиб, кўзлари кўр бўлиб қолади. Ҳеч нарсани кўрмайди. Оёғи остига қопқон кўйилганини, тўғри йўлдан кетяптими ё жарга боряптими — билмайди. Бу нодонларнинг қисмати битта. Сен нодон эмассан шекилли?
— Доно одамларга ўхшаб яшашим керакми? Тўйгунча ухлаб, тўйгунча овқат еб, тўйгунча ишрат қилиб, тўйгунча амал талашиб...
— Сенга амалнинг нима кераги бор? Сенга маданият министри бўлгин, деяётганим йўқ-ку? Одамлар сени яхши кўришади. Ашулангни айтиб, уларни хурсанд қилиб юравер.

«Ўн беш йил олдин шундай эдим. Ашуламни айтардим, даста-даста пулларни ишлардим. Еттинчи осмонда сузиб юрардим. Бу қилиғим Худога ёқмади шекилли, йўлимни буриб юборди. Хўш, шунча азобли йўлни босиб ўтиб, яна изимга қайтайми?

Яна ашула, яна шуҳрат, яна пулми? Яна қорин бандаси бўлиб яшайми?» Элчин хаёлида шу гаплар туғилди-ю, аммо тилига кўчмади. Зелихон билан бу мавзуда кўп баҳслашишган. Умрнинг турли сўқмоқларида юрган одамларнинг ҳаёт ҳақидаги тушунчалари, фалсафалари бир хил бўлиши қийин. Шундай экан, баҳсда бир томоннинг ғолиб келиши мумкин эмас. Зелихон ҳаёт билимдони сифатида Элчинга насиҳат қилаверади. Аммо у, Асадбек айтмоқчи, фақат ўз касбининг академиги. Ҳаётда ҳар бир одам ўзича академик. Ҳар бир одам ўзича ҳақ. Ҳар ким ҳаётдан ўзича сабоқ олади.

Зелихон Элчиннинг жим бўлиб қолганини кўриб, «гапим таъсир қилиб, сал отдан тушди шекилли?», деб ўйлади.
— Аввал чақиртирганида сендан гумон қилган эди, бу сафар аниқ ишлабди. Сенлигингни қаердан билибди? — деди Зелихон гапни бошқа ёққа буриб.

Элчин ўнг кафтини, жимжилоғи томонга оғиб турган бармоқларини кўрсатди.
— Ўзим ҳам ўйловдим. Сен билан бир иш қилиб бўлмайди, ошна. Сени тутиш учун экспертизанинг ҳам ҳожати йўқ.

Асадбекнинг қизи ўғирланганда Зелихон Элчинни огоҳлантириб, ўнг қўлингни ишга солма, девди. Қиз типирчилаб ётганида бу ўгит эсга келармиди?..
— Амма-холаларингни бугуноқ юбор. Пайсалга солма. Мен уч-тўрт кунга Фарғонага бориб келишим керак. Маслаҳатларинг пишгунча қайтарман.

Зелихон сафардан мақсади нима эканини айтмади. Элчин ҳам сўрамади. Чунки Зелихоннинг болалиги ўтган жойларни қўмсаб, бориб туришини у яхши биларди. Зелихонни бу сафар фақат болалик хотиралари ёки катта ўғирлик режаси эмас, жиддий ташвиш чорлаётгани унга маълум эмасди.

5

Асадбек хотинига мақсадини аён қилмаган эди. Шу сабабли совчиларнинг кириб келиши Манзурани шошириб қўйди. Ҳовлида икки нотаниш жувоннинг пайдо бўлишидан аввалига кўнгли равшанлашди. Она кўнгли сезгир бўлади. Қизининг бўйи етгач, дарвозадан мўраловчи бегона аёл мақсадини дарров фаҳмлайди. Бу ташриф оқибати нима билан тугашини билса-да, барибир кўнгли равшанлашди.

Жувонлар «сендан қолсам қулоғимни кесаман», деб бас бойлагандай, бири-биридан бўлиқроқ эди. Улар шаҳарга донғи кетган одамнинг хотини дуру гавҳарларга кўмилиб яшайдиган малика деб ўйлашганми, устида одмигина қора духоба нимча, оёғида маҳси-калиш бўлган Манзурани чўри гумон қилиб, ҳовлида туриб қолишди.
— Кираверинглар, тортинманглар, овсин, — деди Манзура.
— Эгачим йўқмидилар? — деб сўради жувонлардан бири.
— Кимни айтяпсиз? — деди Манзура, «булар адашиб кириб қолишмадими», деган хаёлда.
— Асадбек акамнинг хотинлари, — деди жувон унга ўғринча тикилиб.
— Менман, овсин, — деди Манзура.
— Вой, айланай сиздан, эгачи, танимабмиза. Келинг, бошқатдан кўришайлик. Эсонмисиз, омонмисиз... Биз ўғирликка келувдиг-а...

Манзура кулимсираб, уларни уйга бошлади.

Куёвликка даъвогарнинг кимлигини билиб, Манзуранинг эси оғиб қолаёзди. Элчин «бор гапни яширмай, дарров айтинглар», деб совчиларга тайинлаган, улар бу амрни оғишмай адо этган эдилар. Манзура қизининг бошига оғир савдо тушгандан кейин хотинини сўйиб қўйиб қамалиб чиққан отарчига берарман, деб ўйламаган эди. Гарчи совчилар «хотинини ўзи сўймаган, туҳмат бўлган» деб ишонтиришга уринишса ҳам, Манзуранинг ранги оқариб, бадани музлаб кетди. У совчиларга чой қуйиб узатиб, ҳовлига чиқди-да, болохонадаги йигитларга «акангизни тез топинглар», деб буюрди. Дам ўтмай даҳлиздаги телефон жиринглади.

Асадбек хотинининг гапларини хотиржам эшитди. Манзура эрининг аччиқланишини, «ҳайдаб чиқар», деб бақириб беришини жуда-жуда истаган эди. Афсусларким, кутгани рўй бермай, эри босиқлик билан:
— Жойи чиққан бўлса, узатиш керак, — дегани унинг ақлини шошириб қўйди. Бир дамнинг ўзида хаёл уни минг бир кўчага олиб кирди. Ниҳоят, эрининг мақсадини англагандай бўлди-да, «Вой шўрим, энди нима қиламан!» деб пичирлаб, ҳовлига чиқди. Совчилар ўтирган уйга кирмоққа юраги бетламади. Ошхонага қараб юрди. Қозонда шўрва билқиллаб қайнаяпти. Чойнакнинг жўмраги буғ уфуради. У беихтиёр қўлига чўмич олиб, ярим коса шўрва сузди. Кейин чўмични қозонга ташлаб, яна ташқарига чиқди. Дераза оша ташқарига қараб ўтирган совчиларнинг бири унинг ҳаракатини кузатиб, «бир нимасини йўқотиб қўйиб гангиб қолди, бояқиш», деб ўйлади. Манзура бу онда бирон буюмни эмас, юраги тўрида ўн саккиз йил авайлаб асраган орзусини, умидини йўқотган эди. Буюмни йўқотса, топиларди, жуда топилмаса «бош-кўзимдан садақа», деб қўярди. Орзу-умиди-чи, энди уни топадими, тополмаса уни ҳам садақа қилиб юбориш мумкинми?..

Манзура бир қарорга келиб, яна ошхонага қайтди. Учта косага шўрва қуйиб патнисга қўйди-да, чаққонлик билан кўтариб, меҳмонхона томон юрди.

Бир йўналишда юрадиган автобус ҳайдовчиси хаёлга берилса ҳам, керакли жойда беихтиёр равишда бурилаверади. Шунга ўхшаб ошхона — меҳмонхона йўналишида қатнайверган Манзура хаёли банд бўлса-да, вазифасини аниқ бажарди. Жувонлар шўрвани мақтаб-мақтаб ичиб бўлишгач, жавоб кутиб унга қарашди. Асадбек розилик билдирган бўлса ҳам Манзура дарров хўп дея олмас эди. Гулдай қизига бир отарчидан совчи келадию дарровгина розилик бериб юборадими? Айрим жойларга совчилар келавериб кавушлари титилиб кетади. Лекин... айрим жойлардаги қизлар бошқа... унинг қизи бошқа. Бу совчилар буни билишади. Билганлари учун ҳам тортинмай, чўчимай кириб келишдими?
— Энди... адамиз билан маслаҳатлашайлик... Қизимиз ёш... Ҳали ўқийди... — деди Манзура чайналиб.
— Вой, эгачи, маслаҳатсиз бўларканми бу иш. Сиз маслаҳатлашинг, ёшлар бир-бирини кўрсин, ёқтирсин. Худо хоҳласа, юлдузи юлдузига тўғри келиб қолса, бу ёғи тўй-да!
— Қайдам... ҳали тайёргарлигимиз ҳам йўқ.

Икки мамлакат муаммоларини ҳал этиш учун йиғилган дипломатларнинг саломлашишидан тортиб, хайрлашувига қадар, муомалалари, кулимсирашларидан тортиб қош чимиришларигача бўлган ҳаракатлари аниқ ишлаб чиқилади. Худди шунга ўхшаш, совчилик маросими ҳам юз, балки минг йиллар давомида бир қолипга тушган. Хотинлар ўзларини қандай тутишни, нима дейишни яхши билишади. Мана ҳозир Манзура: «Ҳали тайёргарлигимиз ҳам йўқ», деди. Бу — қизимизни узатишга розимиз, аммо сиз айтгандай эртага эмас, балки индинга, дегани. Бўлмаса бу хонадон учун тўй нима экан. Эрталаб ишга киришилиб, оқшомда тўй бошлаш қўлидан келмайдими? Лекин қизи бор одам ноз қилмаса «дипломатия» қонун-қоидалари бузилади.

Совчилар уй соҳибасининг кўнглини кўтарадиган бир-икки гапларни айтиб, лутф кўргазиб, ўринларидан жилишди. Жувонлар бир оз хижолат чеккач, бир оз ноз қилган бўлиб, қоғоз халтани олишди. Бу ҳам дипломатиянинг бир қоидаси — розилик аломатига ишора. Эртага бу жувонлар тугун кўтариб келишади. Манзура патир нонларни олиб қолади. Оқшомда эркаклар келишади. Қарабсизки, қиш охирламай туриб тўй!

XIII боб

1

Анвар катта тоғасиникига борганда осмон эринмай қор эларди. Қиш дангасалик қилиб вақт ўтказган, дўппи тор келганда типирчилаб қолган одамга ўхшарди. Анвар тоб ташлаган кўк дарвозага яқинлашиб жинғироқ тугмасини босаман, деганида дарвозанинг бир табақаси ер чизиб очилиб, аввал қулоғи кесилган баҳайбат ит кўринди. Ит: «Сен ҳам одаммисан, вовуллашимга арзийсанми, йўқми», дегандай Анварга бир қараб олди. Ортидан тоғаваччаси кўринди. Элликдан ошган бу одамга вақти келиб «бу дунёда нима кўрдинг?» деган савол берилса, боққан итларининг наслию номини адашмай айтиб бериши тайин. Қайси боласининг қаерда ўқиши ёки қаерда ишлашини эса, аниқ билмайди. Бола-чақасининг ризқи қийилиб, қора қозон қайнамай қолса қоларки, итлар гўштсиз оч қолмас. Итни одамга вафодор деб нақл қилганлар. Худо шундайин бандани яратганини билганларида эди, одам итга вафодор, деб нақлга тузатиш киритар эдилар.

Бошига қорақўл телпак, оёғига кирза этик, эгнига аскар болаларнинг пахталик тўнини кийган тоғаваччаси Анварни кўриб, кулимсираб сўрашди
— Аммам яхшимилар? Ке, жа кўринмай кетдинг. Сан ичкарига кириб тур, буни би-ир айлантириб келмасам бўлмайди.
— Зўр-ку, — деди Анвар итга қараб.
— Шу якшанбада Қамбар ҳўкизнинг итига қўяман. Бир чиқсанг-чи, ҳадеб китоб ўқувриб миянг суюлиб кетади. Томошани кўрсанг, кўнглинг яйрайди.

Анвар бир марта чиққан, «тамошани» кўрган, аммо кўнгли эзилиб, ўн кунча ўзига кела олмаган. Бир-бирининг жағини тишлаб, силтаб тортаётган итларнинг қонли башаралари, ғажиб ташланган оёқлари, бу манзарани завқ билан тамоша қилаётган одамларнинг қиёфалари кўз олдидан кетмай, қийналиб юрди.
— Томда тоғамнинг эски китоблари бор экан, шуни кўрмоқчи бўлиб келувдим.
— Томда китоб бораканми? Чиқиб ўзинг қарий қол. Уйда кеннайинг бор. Нарвонни қўйиб чиқавер. Эски китоб керак бўлса Шамси сўтакникига борсанг бўларкан. Шамси сўтакнинг Фозил қийшиқ деган отаси бўларди. Фозил қийшиқнинг отасини Нозим паранг дейишаркан. Ўшанинг эски шаҳардаги уйи бузилибди. Қўшсинчнинг орасидан китоблар чиққанмиш. Ҳамма тилла беркитса, паранг китоб беркитган экан, — у шундай деб кулди-да, итини етаклаб кетди.

Баландлиги салкам одам бўйи келадиган чордоқ лўлининг хуржунини эслатарди. Қирқилган шохлар, эски обкаш, радио... нимаики нарса кераксиз туюлган бўлса, олиб чиқиб қўйилаверилган. Бу чанг босиб ётган буюмлар чангалзорига яқин йилларда одам боласи қадам қўймагани билиниб туради. Анвар нима учундир «китоб ё қутида ё жомадондан бўлади», деб хаёл қилди. Чордоқда қути ҳам, эски жомадон ҳам йўқ эди. Чордоқни бир чеккадан титишга мажбур бўлди. Китоб яхшилаб беркитилган, дейиш мумкинмас. Чунки уй олтмишинчи йилларда қурилган, у пайтларда қўрқиб китоб яширишга ҳожат йўқ эди. Агар ўша китоб мавжуд бўлса, уни тоғасининг ўлимидан сўнг, кераксиз матоҳ сифатида олиб чиқиб ташлашган.

Газ келгандан кейин хизматини адо этиб бўлиб, нурай бошлаган мўри ёнида уйилиб ётган латта-лутталар орасидан китоблар, газит-жўрнал бойламлари, аллақанча қоғозлар чиқди. Уларни пастга олиб тушиб, чангини қоқиб тахлай бошлади. Газит-жўрналларнинг аксари йигирманчи йилларда чиққан, уқаланиб кетган қоғозларига қараганда унда араб ҳарфларида ёзилган гаплар тарихи янада узоқроқ.

Анвар уларни бир тугун қилиб уйига олиб кетиб, бафуржа танишиш ниятида эди. Аммо қизиқиши ниятидан устун келиб, ичи қизиб, варақлардан бирини олиб, ҳарфни ҳарфга уриштириб ўқимоққа киришди:

«Шундан билмоқ керакки, бутун Туркистон халқи иттифоқ этса, қон тўкилмас. Ер ва амлок ҳам тақсим бўлмай қолур. Дин ҳам рувож топур. Минг карра доду бедодки, ихтилоф этмоқ учун иттифоқ этканмиз ва ихтилофмиз. Сабаби ила бадбахтлиқға дучор бўлурмиз. Бутун Туркистон иттифоқ этса ўн беш миллунлик бир қуват имлоға келурки, мунга ер титрайдур...»

«Бунча ақлли гапларни ким ёзган экан, — деб ўйлади Анвар. — Бир-бирининг гўштини еб турган одамларга етказадиган дур фикрлар шу овлоқда неча йилдан бери чанг босиб ётибдими?»

«Туркистон керакким мухторият бўлсун, муҳокама шариялар барпо бўлсун. Ҳатти булар бора аскар олинсун. Дафъа аскар олинмоқға қарор берилурди. Аммо муллалар съезди Туркистондан аскар олинмоқға қарор берибдур, деб илмодан балки баъзилар норози бўлур деб бошқа съездга муқуф қўйилди...»

Анвар мазмунни дуруст англамай, сатрларни қайта ўқиди. «Илмо съезди нима экан?» деб ажабланиб турганида хаёлини янгасининг овози бўлди:
— Анваржон, совуқда турмай, уйга кирақолинг.
— Раҳмат, кеннойи, чанг-пангини қоқиб олай, — Анвар шундай деб бошини қоғоздан кўтариб янгаси ёнидаги узун бўйли йигитчани кўрди. Йигитча — шу хонадоннинг тўнғичи, тоғасининг набираси эди. Тоғасининг ўлимидан сўнг бу уйга кам келгани учун Анвар бу йигитчанинг қандай одам эканини яхши билмасди. Тўй-маъракаларда бир-икки алмойи-алжойи гапларини эшитиб, энсаси қотгани учун унга рўйхуш бермас эди.

Онаси ёнида тиржайиб турган йигитча худди Анвар билан бирга ётиб, бирга тургандай салом ҳам бермасдан гап қотди:
— Макулатура керак бўлиб қолибди-да, а?

Анварнинг энсаси қотди-ю, индамади. Янга изига қайтгач, бу хонадоннинг тўнғичи чўнтагидан сигарет чиқариб, тутатди. Анвар бу балодан тезроқ қутулиш учун ишни тезлаштирди. Бунга фаҳми етмаган йигитча эса кечаси билан телевизор кўрганини, сессияда қайси депутат қайсисини «тузлаганини» бир четдан гапираверди. «Бунга ит уриштиришни тамоша қилиш ҳам, сессия кўриш ҳам барибир», деб ўйлади Анвар.

Ишни охирига етказишга Анварнинг тоқати етмади. Янгасидан эски дастурхон сўраб олиб, чордоқдан топганларини тугди-да, орқалаб кўчага чиқди. Қўналғага етай деганда тоғаваччасига дуч келди. Тоғаваччаси итини дарахтга боғлаб қўйиб, ўзи қора чопонли бир одам билан гаплашиб турган эди.
— Ҳа, топдингми? — деди у, Анвар яқинлашгач.
— Топганга ўхшайман, — деди Анвар, — уйга бориб қараб чиқаман.
— Ишинг битган бўлса бўпти-да. Шамси, бу йигит бизнинг жиян бўлади. Ўзи олим. Катта идорада олимлик қилади. Мияси ғиж-ғиж илм. Шунда ҳам тинмай ўқийди. Отамдан қолган китобларни сўраб келибди. Китобларингни сен нима қилдинг?

Шамси деганлари, оғзида носи бор экан, тупуриб, лабини енгига артди-да, қўл силтади.
— Э, арзимайдиган китоблар экан. Чўлпон дейишдими-эй, яна аллакимлар, дейишди. Отлари эсимда йўқ. Шайхонтовурда бир идора бор экан, эски китобларни сотиб оладиган. Манга арзимаган пул беришди. Эскича китобларга кўпроқ тўлашаркан.
— Доданг ҳам парангман, деб юравурган эканда, а? Токчанинг орасига тилла-пилла қўйиб, кейин сувавормайдими! — деб кулди тоғаваччаси.
— Э, китоб жинниси бўлган эканлар. Бунақа одамда тилла нима қилади?

Анвар бу суҳбатдошлардан тезроқ қутулиш учун ўзига кераклисини кутмай, бошқа томонга борувчи автобусга чиқиб жўнаворди.

2

У ҳовлига тугунни орқалаб кирганида рўпарадаги уй эшиги очилиб Собитхон қори чиқиб келди. Сўнгра эшик оғзида Рисолат кампир кўринди. У ўғлининг келганини билмай қорига:
— Ўзи билмасин, а? — деб тайинлади.
— Хўп, — деди қори кулиб, сўнг кампир сирни ошкор қилиб қўймасин, деб қўшиб қўйди: — Ана, Анваржон келяптилар.
— Келдингми, болам, — деди Рисолат кампир остона ҳатлаб, — аканг эсон-омон эканми?

Анвар қори билан саломлашгач, онасига жавоб берди:
— Уруғларингиз соғиниб-соғиниб салом айтишди. Жиянингиз итидан ортса, аммажонини кўргани албатта келаркан. Оёғига пояндоз тайёрлаб туринг.
— Бўлди қил, эски пахтани чувима. Ити сани арпангни хом ўряптими, нима ишинг бор. Қори болам, бунга би-ир насиҳат қилиб қўйинг, а?

Собитхон қори ўзига ярашган кулимсираш билан «хўп» деб қўйди. Анвар таклиф этган «бир пиёла чойга» киришга унамади. Зарур ишлари борлигини айтиб дарвоза томон йўналди.
— Қори ака, шошиб турган бўлсангиз ҳам бир нафас вақтингизни оламан, — Анвар шундай деб тугунни очди-да, боя ажратиб қўйган қоғозни олди. — Мана бу ерга нима ёзилган. Хато ўқидимми ё хато ёзилганми? Собит қори сатрларга узоқ тикилиб қолди.
— Сиз нима деб ўқидингиз?
— «Илмо съезди» деб.
— Илмо?.. — Собитқори ҳарфларга узоқ тикилди. — «Уламо» эмасмикин?

Анвар пешонасига енгил шапатилади.
— Тўппа-тўғри — уламо! «Уламо» жамияти бўлган-ку?! Ўшаларнинг съезди-да! Мен аҳмоқ шуни ўйламабман.
— Хижолат чекманг, Анваржон, бу ҳаммамизнинг фожиамиз.

Қори шундай деб, кўчага қараб юрди.
— Ойимнинг дардлари бор шекилли? — деди Анвар, уни кузатиб чиқиб.
— Ўзингизга маълумдир. Агар ихлосингиз бўлса, бу ишни қилиш керак. Ихлос бўлмаса фойдаси йўқ.
— Қори ака, ихлос-ку бор-а, аммо ҳожат йўқ. Эс-ҳушим, Худога шукр, жойида. Ё сиз ҳам?..
— Асти-асти, ундай ўйламанг, Анваржон.
— Мен бошқачароқ ўйлаб, бошқачароқ гапираман, шекилли. Ҳамма бир хил ўйлаб, бир хил гапириши шарт эмас-ку, тўғрими?
— Тўғри, Оллоҳ таборака ва таоло бандаларини бу дунёда синаш учун турлича қилиб яратган. Фақат қиёматда жаннатга кирилганда барча бир кўринишда бўлади. Чиройда Юсуф алайҳиссалом, гавдада Довуд алайҳиссалом, одобда эса пайғамбаримиз Муҳаммад салоллоху алайҳи вассалам сингари бўладилар.

Шу пайт икки эшик нарида, Собитхоннинг уйи олдида «Волга» тўхтаб, ундан бир йигит тушди. У аввал эшикка қараб қадам ташлади. Қорини кўргач эса, бу томонга юрди.
— Қори ака, олиб кетгани келдим, — деди у, салом бергач, қўлини қовуштириб.

Қори хайрлашиб кетди.

Анвар ҳовлига қайтгач, олиб келган китоб-қоғозларнинг чангини яна бир қоққан бўлди-да, уйга кирди. Тугунда битта чарм муқовали, битта қалин қоғоз муқовали китоб бор эди. Китоб босма ҳарфларда эмас, қўлда ҳуснихат билан кўчирилган, аммо шарқ китоботи санъати қоидасига зид равишда саҳифаларга зеб берилмаган эди. Чарм муқовали китобда диний ақидалар зикр этилган экан. Анвар уни қўйиб қалин қоғоз муқовалисини қўлига олди. Бу китоб чеккада қолиб, чириб титилганми ё атайин йиртиб олинганми, ҳарҳолда бош қисми йўқ эди. Дастлабки сатрларни ўқибоқ Анварнинг юраги ҳаприқиб кетди: бу ўша, Зуннуний айтган асар эди!

«...Ёғий Тошканга мукаммал сипоҳи ила Калас томондин яъжуз-маъжуз каби ёпирилди. Айтурларки, қадимда Чингис лашкарлари-да бу каби ёвузлик ила кирмаганлар ва сибўмонанд бўлмаган эдилар.

Эски жўвада қиёмат содир бўлуб, ўрус аскарлариға қирон еткурилди. Инсон қони тўкулмаган на бир кўча қолди, на бир хонадон. Жиҳодга кирган Тошкан аҳли «биз ўлсак-да, ўлайлук, динимиз булғанмасун, мусулмон туфроғи кофирлар оёғу остида азият чекмасун, фарзанди комилларимизнинг «Аллоҳу акбар!» деб чиқувчи тиллари кесилмасун», деб азиз жонларини қурбон бера бердиларким, уларга уқоб ҳам ҳавас қилгулик эди. Бу қадар қаршиликни кўрмаган ёғий фиғони фалакни тутти. Барча ерларда ҳам шунчалар зарба берилганида эрди, ёғий фурудастликка маҳкум бўлурди. Хабисшева аҳлидан бўлмиш ёғий ёшми, қарими ёхуд гўдакми — фарқламай отаверди, чопаверди. Фақирингиз бундайин сидрафарсой манзарани кўрсатгунча кўзларимизни кўр қил, деб яратганга таваллолар қилдум. Мўйлаби чаённинг думи янглиғ тепага қайрилган бир малла қиличини шундайин зарб ила урдики, селгинчак осилган бешик ҳам иккига бўлинди, унда беланган чақалоқ ҳам чўрт узулди. Болам, деб нола қилган ўн тўрт кунлик ойдайин жувон боши танидан узилиб, бешик ёнида қотди...

Ёғийга омонлик бермаган Эски жўва даҳасини сўнгроқ уқало «Жанггоҳ» деб юритмишлар...»

Анвар китобдан бош кўтариб ўйга толди: «Қизиқку, «халқ отаси» буни бошқача талқин қилиб берган. «Тошкент йигитлари чапани, урушқоқ бўлган. У маҳалла бу маҳалла билан муштлашиш учун Эски жўвада тўпланганлар. Эски жўвадаги майдон шу боис «Жангоп», яъни «Жанггоҳ» деб юритилган», деб ёзавериб, бу гапнинг ийиғини чиқариб юборган-ку?»

Анвар китобга шу қадар берилдики, онасининг ҳовли этагидаги уй эшигини очиб икки марта чақирганини ҳам эшитмади. Хотинининг кириб келганини ҳам аввалига сезмади.

Хонзода уйга кириб, сочилиб ётган эски қоғозлар, газит-жўрналларни кўриб, дастлаб ажабланди. Ерда чордана қуриб ўтирганича китобга мук тушиб олган эрига қараб салом берди. Анвар саломни эшитди, бироқ китобдан узилгиси келмай бош қимирлатиб қўя қолди. Хонзода, эри қараб ҳам қўймагани учун «яна касаллари тутдими», деб қўрқиб кетди.
— Анвар ака, — деди секин, кейин чўчиброқ бўлса-да, овозини кўтарди: — Анвар ака!

Анвар китобдан бош кўтариб, ялт этиб хотинига қаради:
— Ҳа, келдингми? — деди-да, яна китобга мук тушди.

Хонзода кийимини алмаштириб чиққанида ҳам аҳвол шу эди. У эрига бир оз тикилиб тургач:
— Нима овқат қилай? — деди, айбдор одамнинг овозида.

Анвар жавоб бермади.
— Овқатни сўраяпман, — деди Хонзода, овозини бир парда кўтариб.
— Бу ёқда одамлар қийма бўлиб ётибди-ку, бунинг дарди овқат, — деди Анвар минғирлаб.
— Нима деяпсиз, тушунмадим, — деди Хонзода.
— Мастава! — деди Анвар жеркиб.

Мастава Анварнинг энг хушламайдиган овқати. Жаҳли чиқсагина шундай жавоб беради. Хонзода саволни қайтаришга ҳожат йўқлигини билиб чиқиб кетди. Орадан бир пиёла чой ичарли вақт ўтиб, онаси кириб келди.
— Анваржон, болам, уйдамисан? Чақираман, чақираман, индамайсан. Мен сени қори бола билан худойига кетвордингми, дебман. Тоғангникига нимага борувдинг, китоб олиб келдингми? Қанақа китоб экан?

Анвар «О, шпион, етказибди-да», деб ўрнидан турди-да, онасини етаклаб диван томон юрди.
— Қанақа китоб деб сўрадим сендан, — деди кампир жойлашиб ўтириб олгач.
— Эскича китоблар.

Зийрак кампир келинининг ахборотидан сўнг хавотирланиб чиққан эди, шу сабабли ўғлининг қисқа жавобидан қониқмади.
— Тоғангда эски китоблар бўлмасиди, қани, ўқи-чи?

Анвар бу «тергов»дан осонгина қутулмаслигини билиб, чарм муқовали китобни қўлига олиб очди-да, дуч келган еридан ўқий бошлади:
— «Бурун ул нимаким, фарз этти Яздон,

Эрур оқилга болиғ бўлғач имон.

Анинг маънисидур тил бирла иқрор,

Кўнгул бирда инонмоғлиғ дағи бор.

Тилар бўлсанг анга ўзни етурмак,

Бил, олти нимага имон кетурмак...»

Анвар саҳифалар орасига бармоғини қўйиб, китобни ёпди.
— Бўлдими, энди ишондингизми?
— Сен энди, ўқиганингни манга тушунтириб бер.
— Худо иймонни фарз этти, демоқчи.
— Ўқиганингда Худо деган сўз йўғиди-ку?
— Яздон — Худо дегани. Қаҳҳор, Жаббор деганда ҳам Худони англайдилар. Худони англатувчи сўзлар кўп.
— Боламдан айланай, шунча нарсаларни биласану писмайиб, индамай юрасан-а? Онамнинг кўзлари кўр бўп қоган, шу бечорага яхши нарсаларни ўқиб берай, айтиб берай, демайсан. Ман санинг нонингга зормасман, болам, яхши гапингга зорман... — Рисолат кампир кейинги гапини ҳасрат оҳангида айтди. Овози титраб кетганини сезган Анварнинг юраги сиқилди.
— Ойижон, китобни ҳозир олиб келдим. Ҳали ўзим ҳам ўқиб чиққаним йўқ. Шпионингиз бехато ишлашини билганимда, йўлдаёқ ўқиб келардим.
— Гапни дарров эгриликка бурма. Мани келинимдака келин йўқ бу дунёда. Шпионлик қилиб уйига гап ташибдими, ё кўча-кўйда валақлаб юрибдими? Худога шукр қилсанг-чи?

Анвар онасининг осонлик билан чекинмаслигини билгани учун доим қўллайдиган ҳимоя усулига ўтди — гапни ҳазилга бурди:
— Мендай эр насиб қилганига Хонзодангиз шукр қилсин.
— Сан болага хотин зотининг чидаши қийин.
— Ойи, тергов тамом бўлдими?
— Чиқиб кетинг, демоқчимисан? Ҳайдамасанг ҳам кетаман.

Рисолат кампир ўрнидан қўзғалмоқчи эди, Анвар тезгина бориб ёнига ўтирди-да, елкасидан қучди.
— Худди хўжа қизига ўхшайсиз-а? Жаҳлингиз чиқмасин, ҳазиллашяпман. Ўзим ҳозир ёнингизга чиқмоқчи эдим. Сўрайдиган гапларим бор.
— Болани туғиб, боқиб-боқиб, қариганингда ёқмай қоларкансан, — деди Рисолат кампир, аразини давом эттириб.
— Бувамнинг хатларини ўқидим. Ҳаммасида афсус чекяпман, деганлар. Нимадан афсусланишлари мумкин?
— Билмайман.
— Нимадан афсусланишлари мумкин? — деди Анвар ўзига ўзи гапираётгандай. — Қилган хизматларигами ё ёшликдаги хатоларигами? Балки ёшлик чоғларида бирор дўстларига хиёнат қилгандирлар?
— Гапинг қурсин сани, адам раҳматли чумолига ҳам озор бермасидилар. Чақувдан бўлган ҳаммаси. Сталинга қарши тўнтариш ясамоқчи, деб туҳмат қилишди. Сталиндай одамни тўнтариб бўларканми?
— Ҳарҳолда қизиқ... Шоакбар Зуннунийни ўн тўққизинчи йилда Бухоро амири остирган. Орадан ўн саккиз йил ўтгач, унинг дўстини — менинг бувамни қамашган. Икки ҳаммаслак дўстнинг бири эски тузумга ёқмаган, иккинчиси янгисига... — Анвар бир қўли онасининг елкасида, кўзи дераза ортида ёғаётган қор зарраларини илиб олаётган дарахт шохларида эди.
— Ақлли одамнинг душманлари кўп бўлади, болам.
— Бувимга қийин бўлган экан-да.
— Ойим бояқиш ҳасратда ўтдилар, — Рисолат кампирнинг кўнгли тўлиб, енгининг учи билан кўзёшини артди.
— Юринг, ойи, танчангизда бир оз ўтирайлик, оёғим қақшаб қолди, — Анвар шундай дегач, кампир ўрнидан турди.

Анвар онасини уйига кузатиб, бирпасгина ўтириб қайтмоқчи эди. Онаси атайин уни ушлаб қолмоқчи бўлдими ё чиндан ҳам китоб ўқитиб эшитгиси келдими — Анвар фарқлай олмади. Хонзода чарм муқовали китобни келтиргач, у қамалдаги одам ҳолига тушди. Қишнинг бир тутам кундузи тугаб, шом қоронғиси бостириб кирди.

3

Анвар ўрин солаётган хотинини елкасидан қучди. Хонзода чўчиб тушди. Чўчиганини яшириш учун тезгина ўгирилди-да, эрининг пинжига кирди — елкасига беозоргина бош қўйди.
— Сиздан яна илтимос қиламан, — деди Анвар уни бағрига босиб. — Ҳамма ўйласа ҳам, сиз мени жинни деманг. Ҳадеб ойимга югуриб чиқаверманг. Мен соғман. Мен ишхонадагилар учун жинниман. Улар мендан қутулишнинг бошқа чорасини топишолмади.
— Ўша ишингиз ҳам қурибгина кетсин. Бошқа ишлар тўлиб ётибди-ку?
— Йў-ўқ, у ердан кетмайман. Аввал ишимни битириб олай. Энди чекинсам, ростданам жинни бўламан. Бугун топиб келган китоб-қоғозларим уларни портлатиб юборадиган атом бомбанинг ўзи. Тилка-тилка бўлиб кетишади.

Хонзода эрини гапиртирмаслик учун лаблари билан лабларини қидириб топди...

Хонзода одати бўйича енгил пишиллай бошлагач, Анвар ўрнидан туриб меҳмонхонага чиқди. Дераза оша осмонга тикилди.

Тунд осмон ёришмади.

«Чақирсанг келамиз, дейишган эди. Нима учун дараклари йўқ?..»

XIV боб

1

Шаҳарнинг энг катта ресторани икки кун давомида Асадбек хизматида бўлди. Хонаки қиморбоздан тортиб, орқа ойнасига оқ парда тортилган оқ «Волга»ларда юрувчи зотларгача хизматда бўлишди.

Тўйнинг дарагини эшитиб Зоҳид ҳам, гарчи таклиф этилмаган бўлса-да, келди. У бошқалардек елиб-югуриб хизмат қилмади. Асадбекнинг кўзига кўриниб, жилмайиб, таъзим ҳам қилмади. Бир четда туриб кузатди. Хизмат ресторан ходимларию ходималаридан ортмаса ҳам, «қамишдан бел боғлаб хизмат қилишни ният этганлар» тиниб-тинчишмасди. Тўй ҳаракатлари ичкарида бўлишига қарамай, Асадбек турган ерда ивирсишарди. Айримлари югуриб келиб, Асадбекдан маслаҳат олиб кетарди. Айримлари шунчаки кириб-чиқиб турарди. Улар орасида таниш одамларини кўриб, Зоҳид «ҳоким дейишганича бор экан», деб қўйди.

Зоҳид никоҳ оқшомида куёвнинг ёнида Анварни кўриб аввалига ажабланди. Устози сабаб бўлиб, Анвар билан бир-икки суҳбат қурган эди. Адолат деб куйиниб юрган йигитнинг адолатсизлик билан топилган пуллар эвазига тузалган дастурхон тўрида ўтириши унга ғалати туюлди. Унинг қаричи билан ўлчанса, Анвар дўстининг бу хонадонга куёв бўлишига йўл қўймаслиги лозим эди. Дўстини қайтаролмаган тақдирда ҳам куёвжўра бўлиб тўрда ўтирмаслиги керак эди.

Чумоли уясидек қайнаётган тўйхонада Анвар ҳам Зоҳидни кўриб, «Бу йигит нима қилиб юрибди?» деб ажабланди. «Хизмати юзасидандир» деган гап хаёлига келмай бироз ғижинди.

Зоҳиднинг тўйда иштирок этаётганини фақат Анвар эмас, Асадбекнинг одамлари ҳам пайқашди. Тўй ўз йўлига, хизмат ўз йўлига, деганларидек, Асадбекнинг одамлари ҳушёр ва зийрак эдилар. Ким келди, ким кетди, ким нима деди — уларнинг назаридан четда қолмас эди. Тўйдагиларнинг қарийб ярми таклиф этилмасалар-да, Асадбекка садоқатларини билдиришиб, ўз ихтиёрлари билан келишганди. Зоҳид ҳам таклиф этилмаганлар сафида, аммо унинг мақсади Асадбек одамлари учун ноаниқ эди. Шу сабабли «Шариф Намозов ишини кўрган, ҳозир Шилимшиқнинг иши билан шуғулланаётган» «бола»нинг келганини Асадбекка маълум қилиб қўйишди.
— Еб-ичиб ўтираверсин, индамаларинг, — деди Асадбек. Кейин ёнида қўл қовуштириб турган Кесакполвонга қаради. — Ҳайдар, директоринг кўринмадими?
— Кишинёвда ўтирибди. Самолёти учмаётганмиш.
— Прокурор боланинг акаси ўлдирилган, девдингми?
— Ҳа, шунақа бўлган экан.
— Прокурор бола.... тузукроқ одамми?
— Бу ёқда ҳали тузукроқ иш бермади. Милисадалигида сал ўжарроқ экан. Одам бўлиши қийин-ов...
— Хўжайини нима дейди?
— Одам бўлмаса думини тугади-да...
— Ўзинг ҳам уриниб кўр. Оёғимиз остида ўралашмасин. Кавказлик болаларни топдиларингми?
— Йўқ, изи қурибди. Уларни академик топган бўлиши керак. Прокурор болага ўшани рўпара қилайми?

Асадбекка бу таклиф маъқул тушгандай бўлди. Сўнг Зелихон изидан ис олган прокурор оқибат Элчинга рўпара келишини ўйлаб, фикридан қайтди.
— Йўқ, — деди у кескин оҳангда. — Унга тегмаларинг.

Зоҳид «юқори доираларнинг» ўзи ҳақида сўз юритаётганидан бехабар, «мени бу ерда ҳеч ким танимайди», деган хотиржам ўйда тўй тамошасини кузатарди. Унинг назарида хонандалар устидан сочилиб, хипчабел раққосалар оёғи остида босилаётган пуллар қоғоздан эмас, одам қонидан ишланган эди. Маст башаралар санчқига ҳил-ҳил пишган қўй гўштини эмас, одам гўштини илиб оғизга солишаётгандай эди... Шуни ўйлаганида кўнгли ағдарилиб кетаёзди. Гўё ашулачи санъатини қадрлагандай пул сочаётган, аслида ўз қудратини, айни чоқда, Асадбекка бўлган эътиқодини намойиш этаётган бу киборларнинг қай бири Жалол Комиловнинг эркаклигини кесиб ташлаган экан, қай бири юрагига пичоқ санчиб, қай бири осиб қўйган экан? Зоҳид «бу ваҳшийлик фақат мафиянинг қўлидан келади, гуруҳлар орасида ихтилоф чиққану Комилов қурбон бўлган», деган қарорга келган эди. Бу ваҳшийлик «ижодкори» пул сочаётганлар эмас, қўшиқ айтиб кўпнинг дилини ўзига ром қилиши мумкин бўлган, ҳозир эса тўрда куёв сарупосида ўтирган Элчин экани хаёлига келмайди. Бу ҳақиқат тагига етгунича кўп қоқилади, пешонаси кўп ғурра бўлади...

2

Даврабоши Элчиндан биттагина қўшиқ эшитиш таклифи тушаётганини айтиши ҳамоноқ қийқириқ бўлиб кетди. Элчин қамалмасидан аввал бу шарафга кўникиб қолган эди. Шундай кезларда у саҳнага юриб эмас, гўё парқу булутлар устида сузиб чиқар эди. Ҳозир ўша дамлар қайтгандай бўлиб юраги бир энтикди. Бош чайқаб «йўқ», деди. Ўрнидан туриб, қўлини кўксига қўйиб таъзим қилди. Даврабоши унга тор узатгач, ноилож қолиб қўлига олди. Шунда ҳам ўртага чиқмади.

Кимга тўй, кимга аза, дейдилар. Элчин зоҳиран куёвлик шоҳсупасида хуррам кўринар, ботинан эса, юраги темир тирноқлар ҳукмида эди. Яхшилаб қараган киши унинг юзлари кулгани билан кўзлари ғам пардаси ортида маъюс тортганини пайқай олади. Яхшики, тўйда одамлар синчков бўлишмайди. Кўпчилик Элчиннинг «ашула айтмайман» дейишини шунчаки ноз ўрнида қабул қилди. Элчин ҳозир улар истаган қўшиқларни айтолмасди, уларни хурсанд қилолмасди.

Қўлига тор олгач, «нимани айтсам экан» дегандай ўйланиб қолди... Электр орган чолғучиси унинг мушкулини осон қилиш учунми бир вақтлар машҳур бўлган ашуласининг куйини чалди...

Бугун қўшни чорбоққа
келин тушди, ёр-ёр...

Элчин бу куйни эшитмади.

...Пуллар сочилиб ётган тўйхонага... Ноила кириб келди. Оппоқ узун кўйлакда. Чап кўкрагида пичоқ, лекин қон йўқ. Маъюс кулимсираб туриб:
— Айтинг, Элчин ака, ўша ашулангизни соғиндим... — деди.
— Қўшиқ фақат сенга аталган эди.
— Айтинг, майли, булар ҳам эшитишсин. Зора тош юраклари юмшаса...

Тўйхона бирдан жимиб қолди.

Қамоқхонадаги тўлғоқли кечаларда туғилган, узоқ йиллар юрак қафасидаги тутқинликда потирлаётган қўшиқ озодликка чиқди...

Хайр энди, қалбимда бир видо қолди...
Хайр энди, сен кетдинг, бегуноҳ оҳу...
Бугун сен қайдасан,
Қайларда қолдинг...
Бугун бошинг узра кимнинг паноҳи...

Элчиннинг назарида тўйхона жим эди. Барча унинг юрагидан отилиб чиқаётган нидони тингларди. Аслида эса... дастурхонга бошланган ялпи ҳужум сусаймаган ҳолда давом этарди.

Сени кеч топгандим... эрта йўқотдим...
Қарғагин, лойиқман сенинг қаҳрингга...
Қарғагин... Қарғагин...

Элчин ўзга оламга кўчган эди.

Тўйхонада эса Асадбекнинг ичкари киришига тайёргарлик бошланаётган эди. Ҳарҳолда куёви ашула айтяпти, пул қистирмаса бўлмас...

Бўшаган ликопчаларни йиғиштириб юрган тўрт аёл Жамшиднинг ишораси билан сочилиб ётган пулларни тезлик билан териб олишди. Улар ишларини якунламай туриб бир йигит қўлида дасталанган пул билан пайдо бўлди-да, юзталикларни икки қатор қилиб худди пояндоздай тера бошлади.

Қарғагин, лойиқман сенинг қаҳрингга...

Юз сўмлик пулдан иборат пояндоз ҳосил бўлгач, базмхонада Асадбек кўринди.

Ўзгалар қалбида меҳр уйғотдим...

Асадбек пулларни босмай, четлаб ўтиб, ашула айтаётган куёви томон юрди. Йўл-йўлакай Жамшидни кўзи билан излаб топиб қовоқ уйиб қўйди. Жамшид буни тушуниб дарров хипчабелларга имо қилди. Уларга жон кириб, пулларни йиғиштиришга тушишди. Асадбек келин-куёвга яқинлашиб чўнтагига қўл солди. Кўпчилик бир даста пул сочилишини кутган эди. Асадбек ҳеч бир тўйда, ёки йиғинда пул сочмаган. Унинг бу одатини билган яқинлари «ўзининг тўйида бу одатини бузармикин» деб ўйлашганди. Улар кутган иш бўлмади. Асадбек иккита юзталик чиқариб узатди.

Элчин бошқа оламда эди — эгилмади. Асадбек пул қистиролмади. Унга Элчиннинг ҳозирги ҳолати бегона эди. Шу сабабли Элчиннинг эгилмаганини мағрурлик белгиси сифатида қабул қилиб ғижинди. У ўзини мағлуб ҳис этди. Аммо мағлублигини тўйга йиғилганлар у ёқда турсин, ёнидаги аъёнларига ҳам сездириши мумкин эмас эди. У дарҳол чўнтагига қўл солди-да, бир тутам юзталик чиқариб, куёви устидан сочди. Тўйхонани қийқириқ босди. Асадбек иккинчи чўнтагидан пул чиқариб уни қизи устидан сочди. Аввал Кесакполвон, сўнг Чувринди хўжайинлари ишини такрорлашди. Асадбек кулимсираган ҳолда тўйхонадан чиқди.

...Қарғагин, лойиқман сенинг қаҳрингга...

Элчин устидан пул ёғиларди...
Туйғулари эса топталарди...
Унинг кўзларидан сизиб чиққан ёшни ҳеч ким сезмасди, ҳатто Анвар ҳам...

...Ўзгалар қалбида меҳр уйғотдим...

3

«Сиз ўшами?..»

Зайнаб бу лаҳзани қанча кутди? Еттинчи синфдалигида «Ўтган кунлар»ни биринчи марта ўқиб чиққан эди. Еттинчи синфдалигида китобдаги Зайнабни қарғаб, Кумушга ўзича мотам тутди. Ўзига Зайнаб деб исм қўйгани учун ота-онасидан хафа бўлди. Романни иккинчи ё учинчи марта ўқиётганида онасига йиғлади. «Отимни ўзгартирайлик», деб ялинди. Манзура қизининг бу қилиғидан кулди. Қучоқлади, бошини силади, пешонасидан ўпди. «Айланай қизим, бу ёмон исм эмас, китобда ёзаверишади-да», деди. Кейин қизига қизиқиб ўзи ҳам китобни ўқиб чиқди. Ўзи ҳам йиғлади. «Ойижон, исмимни Кумуш деб ўзгартирмайсизларми, Кумушга ўхшаб ўлиб кетсам ҳам майли эди...» Бу Зайнабнинг кўнглидан кечган гап. Уни тилга чиқариб айтолмайди, уялади. Чунки китобдаги Кумушнинг Отабеги бор.... орада тотли дамлар бор. Зайнабнинг орзулари ортида ҳозирча яширин бўлмиш шундайин ҳислар борлигини отаси билиб қолса — шармандалик эмасми?

Узоқ вақтгача биров уни отини айтиб чақирса худди «Кумушга заҳар берган сенсан», дегандай бўлаверди. Ҳатто бир куни тушида Кумушни кўрди. Кумуш — кинодагидан минг чандон гўзал, юзларидан нур таралаётган бир жувон «нима учун мени ўлдирдингиз?» деб ўпкалади.

Ўзининг исмидан уялиш баробаринда у хаёлан Отабегини изларди. Синфдаги болалар орасида Отабек ўрнини босувчи болани топмади. Танаффус пайтида худди қизлардай тўпланиб олишиб кийим-кечаклар ҳақидаги гаплардан ортмовчи ўғил болалардан Отабек чиқиши мушкул эди. Унинг назарида арзирли бола мактабда йўқ эди. Нораста қиз юрагини отасининг ишончли маҳрамларидан бири бўлган жингалаксоч йигит — Жамшид ром этсами?! Жамшид эса қизчанинг кўнглидан нелар кечишини билмай, ҳовлида рўпара келиб қолганида «Ҳа, пучуқ, ўқишлар қалай энди?» деб қўяди. Зайнаб баъзан шу сўзларни ҳам эшитишга муштоқ бўлиб қолади. «Отам мени унга берармикинлар?» деб ўйлайди. Ҳатто «Нимага мени олиб қочиб кета қолмайди?» деб ҳам фикр қилади.

Балоғат ёшига шу ўйлар, орзулар билан кириб келди. Кўнглидаги болаликнинг ўткинчи ҳислари эмас экан. Юракка уруғ бўлиб қадалган ўша ҳислар энди униб чиқа бошлади, қизнинг юрагини, ақлу ҳушини Жамшид тамом банди қилди. Ёши ўтаётган бўлса-да, уйланмай юрган йигит нима учундир бу хонадонда ажиб бир гул унаётганини сезмас эди. Жамшид деярли ҳар куни шу ерда бўлгани учун ҳам уни ўз синглисидай кўрарди, унга бошқача кўз билан қарашни ўйламасди. Зайнаб мана шундан тўлғоқда эди.

У бекор қолди дегунича Кумушбиби қисматини ўқирди. Китобнинг кўп саҳифалари ёд бўлиб кетган эди.

«Билурмикин, билмасмикин, у золим!
Кунлар, тунлар тортган оҳу зоримни!..»

Кумушнинг тўйида қизлар айтган қўшиқдан шу байтни кўп такрорларди. Жамшид кўринмай қолса «тоблари қочдими, мени ўйлаб хаста бўлдиларми», деган хаёлга борарди. Хаёлни ўзича ҳақиқатга айлантирай деганида Жамшид кўриниб қолса, унинг сочларини битталаб юлгиси келарди. Кечалари билан тўлғониб «яхши кўришимни ўзим айтаман», деб қарор қиларди. Тонг бўзариши билан унинг бу дадиллиги уйқуга кетар эди. Жамшиднинг машинасига чиққанида эса сири ошкор этилиб шарманда бўлгандай юзлари ловуллаб, тили калимага келмай қотиб қоларди. Зайнаб фақатгина ўз дунёсида яшарди. Бу дунёга ўзгалар кириши мумкин бўлган эшик эса тақа-тақ берк эди. Бу эшикни, истаса, фақат Жамшид оча оларди. Аммо унда бундай хоҳиш учқуни сезилмади. Зайнаб ношукурлик қилмади. «Узоқдан бўлса ҳам ҳар куни кўриб турсам бас», деди. Назарида Жамшид бўлмаса унинг бу дунёда юришига ҳожат ҳам қолмас эди.

Йигит киши ҳам шунчалар бепарво бўларми? Гулларнинг очилишига зор булбуллар қани? Гул ишқида ёниб куйловчи қумрилар қани? Қани Отабек? Заҳар фақат Кумушбиби жонини суғуриб олмай, Отабек юрагидаги муҳаббатни ҳам ўлдирдими экан? Шу боис бу ёруғ дунёда Отабеклар қолмадими экан?

Жамшид Отабек каби севганида эди, Зайнабимиз Кумуш каби ўлиб кетишга минг марта рози эди. Ҳа, Зайнабимиз ана шундай телба муҳаббат чўриси эди. У Жамшиднинг юрагидан аёл зотига нисбатан муҳаббат қувиб чиқарилганини, бу қалб фақат нафрат билан тепаётганини билмас эди. Чунки Жамшид ҳам ўз дунёсида яшарди. Унинг дунёсига ўзгаларнинг кируви мумкин бўлган эшик ҳам тақа-тақ берк эди. Бу эшикни Зайнаб ҳам оча олмас эди...

Зайнаб муҳаббатнинг алдамчи булутлари устида сузиб юрганида ўзининг бўлажак тўйини хаёл кўзи билан кўрарди. Йўқ, йўқ, сиз уни эрсираб қолибди, деб ўйламанг. Асти бундай эмас. Тўй деганда унинг кўз олдига тўшак келмайди. Тўй деганда у... Отабекнигина кўрарди. Хотирасига муҳрланиб қолган ёзувчи сатрлари билан кўрарди...

«...куёв келар эди: икки томонни сириб олган хотин-қизлар ўртасидан Отабек келар эди...»

Отабек — шубҳасиз, жингалаксоч йигит.

«...унинг кетидан Офтоб ойимнинг эгачиси исириғ тутатар эди...»

Демак, исириғни холаси тутатади.

«...хотинлар қўлларида шам билан бунга қарар ва узатиб қолур эдилар...»

Электр чироқ ўчиб қолса қандай яхши бўлар эди...

«Куёв уйнинг ёнига етди. Унинг юзи уятдан жуда қизарган, қочгали жой тополмас эди. Шу кезда уйнинг эшиги очилди-да, янга томонидан қаршиланди.
— Кирингиз, бек!»

Янга ким бўларкин? Кичик холаси дуруст. Каттаси сал қўполроқ, бемаъни гапларни ҳам айтворади.

«...Отабекнинг юрак уриши эҳтимол янгасига ҳам эшитилар эди...»

Янгасига эшитилмас балки, аммо у эшитади. Ўз юрагининг қафасдаги қушдай потирлашига ҳамоҳанг бўлади...

«...Отабек уйга киргандан кейин янгаси ташқари чиқиб, эшикни ўзи кўрарли қия қилиб ёпди...»

Кичик холаси мўраламайди, гап пойламайди. Унга айтиб қўяди: эшикни зич ёпиб устларидан қулфлайди...

«...Уйнинг тўрида ёнини Отабекка бериб, рўмолининг учини тугибми, йиртибми Кумушбиби турадир ва ким келди, деб ёнига қарамайдир...»

У ҳам шундай туради. Дарров қарамайди, сирини ошкор қила қолмайди...

«...Рўмол тугиш билан машғул латиф қўлларни чет қўл келиб сиқди.
— Жоним!»

Бу онни, бу жон олғучи биргина сўзни у неча йил кутди? Унинг азобларига неча тун гувоҳ бўлди экан? Тундан сўраб кўриш керак: муҳаббат оловида қовжираётган ундан бошқа яна битта қиз бормикин дунёда? Шунда ҳам...

«...Кумушбиби бегона қўлдан сесканди ва қўлларини қутқазмоққа тиришиб:
— Ушламангиз! — деди ҳам сиқувчи қўлдан қутулиш учун орқага тисланди...»

...Шунда ҳам Кумушбиби сингари қўлини тортиб олади. Силтаб эмас, аста, ноз билан тортади — унинг хаёлига бошқа гап ораламасин, кўнгли озор чекмасин. Шунда у...

«...Титраган ва қовжираган бир товушда:
— Нега қочасиз?! Нега қарамайсиз?! — деди Бек, Кумушбиби шу чоққача қарамаган ва қарашни ҳам тиламаган эди...»

...Шунда у овози титрамаса ҳам айтади бу гапни. Ахир, нимадир дейиши керак-ку?

«...Мажбурият остида, ёвқараш билан секингина душманга қаради. Шу қарашда бирмунча вақт қотиб қолди...»

Йўқ, ёвқараш қилмайди, хумор кўзлари билан қарайди. Уялибгина қарайди. Бу қарашнинг муддати яшин умри мисол қисқа бўлади...

«...Шундан кейин бир неча қадам босиб Отабекнинг пинжига яқин келди ва эсанкираган, ҳаяжонланган бир товуш билан сўради:
— Сиз ўшами?...»

Нима учун шундай дейди?

Зайнабимизнинг хаёлидаги тўй шу ерга келганда узилар эди. Куёвга шундай дейиш учун сабаб ахтарарди... Сабабини бешафқат ҳаётнинг ўзи топиб беришини у қайдан билсин? Хаёлидаги тўй сароб экани, исириқ тутатилмаслиги, шамлар ёқилмаслиги, ҳатто... катта холаси янга бўлиши, чимилдиққа номусли қиз эмас, юкли жувон бўлиб киришини, Отабек — жингалаксочли йигит эмаслигини ўшанда билганида ўзини ёқиб юбора қолмасмиди? Хўш, билгач-чи? Уни нима ушлаб қолди? Ўғирланган куниёқ хаёлидаги тўй барҳам топганини англаган эди-ку?.. Хаёлидаги тўй барҳам топгани тўғри, аммо Жамшидга бўлган муҳаббати сўнмаган эди. Бу муҳаббат сўниши учун аввал унинг ўзи ўлиши керак. Аввал муҳаббатни сўндириб, сўнг ўлиш унинг қўлидан келмайди. Зайнабдаги муҳаббат алангаси зўрми ё Элчиндаги қасос ўтими — ўлмасак бунга ҳам ажрим топармиз.

Ҳозир эса... Зайнаб номи чимилдиқ, аслида оврупоча қилиб яхшилаб ясатилган ётоқда, тўшакнинг бир четида омонат ўтирибди. Катта холаси «ўзингга маҳкам бўл», деб чиқиб кетган. Эшик қия очиқ. Кумушбибининг янгасига ўхшаб мўралаш учун атай очиб қўймади. Тасодифан шундай бўлди шекилли.

Зайнаб куёв бўлмишнинг бир вақтлар машҳур қўшиқчи эканини эшитганидан бери ўйлаб ўйига етолмайди: У Элчиннинг машҳурлигига гувоҳ эмас. Элчин қамалганида у учинчи синфда ўқир эди. Қамалганидан кейин Элчиннинг ашулалари радиодан ҳам берилмай қўйган, шуҳрати аста сўнган эди. Қолаверса, янги авлоднинг ўз оҳанги, ўз қўшиқчилари бор эди. Зайнаб отасининг мақсадини англай олмади. Чиройга баҳо берилса, Элчин Жамшидга нисбатан ўктамроқ эди. Лекин қамалда бўлган Зайнабнинг юраги унга эшикни очиб бера олмас эди. Никоҳларини рўйхатдан ўтказмоққа борганларида унга бир неча марта ўғринча қаради. Дугоналарининг ҳавасдан ёнаётганларини ҳам сезди. Аммо... хотинини сўйиб ташлаган одамни куёв қилиш отасига нима учун зарур бўлиб қолди? Нима учун онаси итоат билан кўнди?

Янга — катта холаси чиқиб кетганига ҳам анча бўлди. Куёв эса ҳаяллаяпти.

Кун бўйи қор ёғиб, осмон ҳасратини тўкиб адо қилибди — ҳаво очиқ. Тўлин ой жувон ҳолича эрга тегаётган қизнинг аҳволини бир кўрай деб нақ дераза тепасига суллоҳлик билан қўниб олган. Ҳовлида ҳаракат сўнмаган — хотинлар ҳамон ивирсиб юришади...

Зайнаб ўрнидан туриб дераза пардасини ёпди. Жойига қайтиб ўтирди. Зиндонга тушиб қолгандай бўлди. Гўё тўрт девор, шифт бир бўлиб унинг устига босиб кела бошлади. Нафаси қайтиб ўрнидан турди-да, пардани салгина сурди. Ой нури хонага ўғринча кириб ожизгина ёниб турган тунчироқ нури билан қоришиб кетди.

«Сиз ўшами?»

Бунинг айтилишига озроқ фурсат бор.

Зайнаб ётоқхонада куёвнинг ҳаяллашидан ҳайрон. Куёвнинг эса бу ерга киришга юраги дов бермайди. Уч кун аввал келиннинг сеплари олиб келинганда Элчин қайси хона ётоқ бўлишини кўрсатган эди. Арабистонда ясалган ҳашамдор каравотлар Элчин айтган хонага қўйилиб эди. Ноила билан тотли тунларни ўтказган, оқибатда эса, Ноиланинг жони узилган хонада энди у бошқа жувон билан бирга бўлолмас эди. Ресторанга жўнашаётганида ҳам хобгоҳ Элчин айтган хонада эди. Қайтса... Ноиланинг жони узилган хонага кўчирилибди.
— Ҳеч замонда даҳлиз ҳам испалний бўларканми, — деди аммаси унинг норозилигини писанд қилмай. Элчиннинг туйғулари амма учун бегона эди. Айтса, «орадан неча йил ўтди. Эркак киши сал ўзини қўлга олиши керак», деганга ўхшаш бир гап эшитарди.

Хобгоҳдан бўлак барча хоналар келин тарафидан келган хотинлар билан банд. Ҳовлида ўзининг қариндошлари изғиб юришибди. Элчин чекиб олиш баҳонасида Анвар билан дарвозахонада турибди. Аммаси икки марта келиб: «Ҳой, кирмайсанми?» деб кетди. Элчиннинг гапларида тайин йўқ. Анвар буни сезяпти. Ўртоғининг келин олдига киргиси йўқлигини англаб турибди. Сабабини сўрамайди. «Ноила эсига тушиб кетди шекилли?» деб тахмин қилади. «Майли, ўзини босиб олсин», деб у ҳам сигаретга сигарет улайди... Аммо тонггача шу ҳолда туриш мумкин эмас...
— Совқотдим, ошна, — деди Анвар. — Энди кир, хотинлар гап қилади.

Элчин мўмин боладай хўп, деб уй томон юрди. Остона — муқаддас чегара. Анвар чегарани босиб ўтмади, ҳовлида қолди.

Эшик очилиб куёв тўра — Отабек эмас! — кирдилар. Келин пошша — Кумушбиби эмас! — ёнини эшик томон бериб — атайин эмас! — ўтирадилар. Ким келди, деб ёнга қарамайдилар. Эшик маҳкам ёпилиб, калит буралади. Нариги хонадан жой олган хотинлар, ғафлатда қолишди десак, янглишмаймиз. Чунки қадимнинг расм-русими йўқ энди. Хотинлар нима учун куёвнинг уйига келиб, нима учун ётиб қолишаётганини ҳам билмайдилар. Ҳовлида гулхан ёқиш йўқ, келин боши узра палак тортиб ёр-ёр айтиш йўқ, исириқ тутатиш йўқ, тортишмачоқ йўқ, чимилдиқ йўқ... Келин-куёв уй бурчагига тортилган чимилдиқ ортида ўтириб тонг оттирмайдилар. Хотинлар чимилдиқни аста суриб мўраламайдилар. Кампирлар қизлик оламларини ташлаб, жувонлик очунига кириш онларини хотирлаб, чоллари билан бўлган кейинги ҳангомаларни сўзлаб куёв билан келин кўнглини қитиқламайдилар... Ҳаммаси соддагина: эшик қулфланади, хотинлар минғирлаб-минғирлаб уйқуга кетадилар. Келин ўзига пишиқ бўлса бўлди, йўқса урф бўйича эртага белгиланган воқеа шу тундаёқ амалга ошаверади, янгалар доғда қолаверадилар...

...Латиф қўлларини чет қўл келиб сиқмади. «Жоним!» деган сўз учмади. У Кумуш эмас, Зайнаб экани учун шундай бўлгандир? Балки у китобда ёзилгандай ширин лаҳзага арзимас?

...Элчин аввалига тўшак устида Ноиласини кўрди. Кўзини чирт юмиб олди. Чуқур нафас олиб туйғуларини ҳайдаб чиқармоқчи бўлди. Бунга пича эришди. Кўзини очганда тўшак устида Ноиласи йўқ эди. Тўшак устида омонат ўтирган Зайнаб — Асадбекнинг (!) қизи унга қарамасди. Элчин келинлик либосида ўтирган Зайнабга мажбурият юзасидан яқинлашиб, билагига қўл юборди. Қаттиқ сиқмади, оҳистагина ушлади.

Зайнаб сесканди. Аммо қўлларини қутқазмоққа тиришмади. Унинг билагини ушлаган қўл бегона эмас, таниш эди. Зайнаб ёвқараш билан, ялт этиб душманига қаради, (ҳа, у ёри эмас, душмани эди!) ўрнидан турди. Кумушбиби Отабек пинжига яқин келгани каби яқинлашмади. Эсанкираган, ҳаяжонланган бир товуш билан сўради:
— Сиз... ўшами?!

Бу гап тилидан беихтиёр учди. Бу гап Кумушбибининг ҳаяжони билан учмади. Кумушбиби кутилмаган бахт қуши бошига қўнган саодатли қизнинг эсанкираши билан айтган эди бу гапни, Зайнабимиз эса узоқ излаган қонхўр душманига тасодиф билан рўпара келиб қолган, бахти топталган жувоннинг эзгин овози билан айтди.

Савол жавобсиз қолди.

Отабекнинг «Мен ўша!» деган кўнгилни қувонтирувчи сўзлари учмади. Зайнабимиз «Кўзларимга ишонмайман», демади. Икки лаб ўз-ўзидан бир-бирига қовушмади... Кичкина нозик қўллар елка устига, кучли қўллар қўлтиқ остига ёпишмадилар. У куёв бўлмишнинг юзига узоқ тикилиб турмади... «Кутилмаган бир бахт!» демади, кулиб юбормади. Бу кулиш ҳовлиларгача эшитилмади...

Куёв билан келин бир-бирларига яқинлашмаган ҳолда ўтириб, тонг оттирдилар.

Элчин, сўфи азон айтмай туриб, хобгоҳдан чиқди. Куёв чиқиб кетиши билан шошилиб кирган янга — Зайнабнинг катта холаси жиянининг «ўзига маҳкам бўлганини» кўриб, қувонди.

XV боб

1

Вино заводининг бошқони Шариф Намозов хунук хабар билан кирган котибага норози қиёфада боқди. Биргина жилмайиши билан жонини суғуриб олиши мумкин бўлган, аммо янги бошқоннинг кўнглини овлай олмасдан хуноби чиқиб юрган котиба унинг қовоқ уйганини кўриб чимирилди.
— Кираверсинми? — деди нозли оҳангда.
— Бир оз кутсин, — деди Шариф, телефон гўшагига қўл узатиб. — Министр билан гаплашишим керак.

Котиба ноз билан бурилиб чиқди. Шариф гўшакни жойига илди. «Прокуратуранинг яна нима иши бор экан менда?» деб ўйлади. Қорнида бирдан санчиқ туриб, кўнгли айниди. Чўнтагидан хапдори чиқариб, илиб қолган чой билан ичди.

Шу ёшгача фақат илм деб яшаётган одам, гўё пешонаси деворга урилиб кўзи очилгандай, ҳаётнинг маъноси ўзгача эканига имон келтира бошлаган эди. Бахтли бўлишимга бахтсизлик асқотади, деганларидек, Худо бу бандасининг юмуқ кўзларини очмоқ учун атайин қамоқ можаросига рўпара қилгандай эди. Қамоқдан-ку, бир неча кунда қутулди. Билагидаги игна излари ҳам йўқолай деди. Бироқ гиёҳвандликнинг тўридан қутулиши оғир кечди. Худди ачиган овқат еб қўйгандай кўнгли айниб, қорин оғриғи бошланса, тўлғоқ тутган хотин каби типирчилаб қолади. Шунақа пайтда кўнгил қамоқхонадаги йигитни қўмсайди. У кўзига фаришта бўлиб кўринади. Кела қолсаю билагини сиқиб туриб томирига эм игнасини санчса. Оғриқ тўхтаса. Булутлар устида ёнбошлаб сайр қилгандай ором олса... Ўттиз минг эмас, ўттиз миллион сўм бераман деган тилхатга ҳам имзо чекишга тайёр... Уйида дастлаб шу дард хуруж қилганида ўзи ҳам, хотини ҳам қўрқди. Гиёҳвандлик тўридан чиқиб кетиш мумкинми, деган муаммо эр-хотинни ташвишга солди. Шарифни қамоқхонадан уйга олиб келган жингалаксоч йигит хапдори ташлаб кетмаганида уларнинг ҳолига маймунлар йиғлаши мумкин эди. Хапдори эм бўлиб, дард аста чекина борди.

Бошқонлик курсисига ўтирган куни, йўқланмаган меҳмондай Асадбек кириб келганида ҳам хапдорини ютиб, дард билан олишаётган эди. Шариф Асадбекнинг довруғини эшитса ҳам, ўзини энди кўраётган эди.

Асадбек устол қиррасига кўкрагини тираб, тиришиб ўтирган бошқонга қараб турди. Дард пича чекиниб, Шариф қаддини ростлагач, «Ҳа, нима бўлди?» деб ҳам сўрамади.
— Янги амаллар қутлуғ бўлсин, — деди Шарифга қаттиқ тикилиб.

Азобнинг асоратидан ҳали тўла қутулмаган Шариф юзини буриштириб, «Раҳмат», деди. У индамай кириб келиб, безбетларча ўтириб олган бу одамни вазирлик вакили деб гумон қилди.
— Мени танимайсизми? — деди Асадбек.
— Кўзимга иссиқроқ кўриняпсиз?..
— Мен, Асадбекман! Шунақа одамни эшитганмисиз?

Беҳуш одам юзига муздек сув сепилса, кўзи мошдек очилгани каби Шариф ҳам ўзи кутмаган ҳолда, бирдан сергак тортди. «Шунақа одамни эшитганмисиз?» Шариф Асадбекни бадқовоқ, тўнг, ёвуз бир махлуқни эслатувчи одам қиёфасида тасаввур этарди. Тўғри, қараши ўткир экан. Лекин бу қарашда ҳам, юзларида ҳам ёвузлик аломати сезилмайди. Кийимлар шоҳона эмас, бармоқларда тилла узук, оғизда тилла тишлар йўқ... Шариф Асадбекнинг қарашига дош беролмай ўрнидан туриб кетганини ўзи ҳам сезмай қолди. Устолни айланиб ўтиб у билан қўшқўллаб сўрашди. Асадбек ўтирган ўрнида жилмайди. «Жойингизга ўтиринг», деди. Шариф унга итоат этмай, устол олиб рўпарасига ўтириб «буюрсинлар, тақсирим», деган каби мўминтой кўриниш олди. «Қилич бу олимчани қайсар, дерди, мулойимгина-ку?» деб ўйлади Асадбек.
— Ишга киришиб кетдингизми? — деди Асадбек, ундан кўз узмай.
— Секин-секин бўляпти, — деди Шариф. У ҳозир қайнотаси билан биринчи марта учрашиб, хижолатда ўтирган куёвболага ўхшарди.
— Шу завод дунёга машҳур бўлиши мумкинми?
— Ҳа... — деди Шариф, — катта фойда бериши мумкин.
— Мен дунёга машҳур бўлиши мумкинми, деб сўраяпман. «Порто»ми, «Наполеон»ми, ҳеч бўлмаса «Белий аист» даражасига чиқа оладими?
— Нега чиқмасин? Биз «Порто»дан ўтиб кетишимиз аниқ. Мен янгича бир жараён асосида вино олишни таклиф қилувдим. Португалияликлар қизиқиб туришибди. Бу жараённи янада мураккаблаштириш имкониятим бор. Заводда ишлаётган одам сони учдан иккига қисқаради. Маҳсулот ҳажми уч баравар ошади, сифати етти-саккиз марта яхшиланади.
— Биз заводни сотиб оламиз.
— Биз деганингиз ким?
— Биз — иккаламиз. Яъни, сизу мен.
— Ҳазиллашманг, менинг пулим йўқ. Ундан кейин бу давлатнинг заводи.
— Давлат сотади заводни. Ўтириб қоладиган ҳамма заводларни бугун бўлмаса эртага албатта сотади.
— Бу завод... ўтириб қолмаган. Катта фойда олади.
— Ҳозирги шароитда миллиардер завод ҳам хароб бўлиб кетиши мумкин.
— Йўқ, бу мумкин эмас.
— Мумкин.
— Бу менинг қўлимдан келмайди.
— Сизнинг қўлингиздан аралашмаслик келар?

Шариф тушунди. Демак, Асадбекнинг режаси икки босқичдан иборат: биринчисида бошқон четда туради. Ундан кўра чапдастроқ одамлар заводни чўктиришади. «Норентабел» деган рўйхатга киритилади. Иккинчи босқичда Шариф майдонга чиқади. Янги усули билан заводни «кўтаради».
— Фойданинг тўртдан бири сизники, — Асадбек шундай деб ўрнидан туриб, қўл узатди. Шариф беихтиёр қўл берди. Асадбек хайрлашиш учун қўл олишдими ё шартни тасдиқлатдими — Шариф англай олмасдан қолди.

Орадан неча кун ўтса ҳам Асадбекнинг гапларини ўйлайди. Мағзини чақмоқчи бўлади. Ҳозир завод тўрт миллион сўм соф даромад олади. Тўртдан бири — демак, миллион! Янги усулга ўтилса бу яна кўпаяди. Хориждан доллар ҳам оқиб келади. Нима, у миллионер бўладими? Бунга бир ишониб — кўнгли яйраб кетади. Бир ишонмай, кўнглига ғулғула оралайди. Прокуратурадан Зоҳиднинг келгани ҳақидаги хабар вужудида мудраётган ўша ғулғулани уйғотди. Гарчи Зоҳид ёмонлик қилмаган бўлса-да, Шарифда унга нисбатан нафрат зоҳир эди. У, шубҳасизки, Зоҳиднинг юрагида қандай дард борлигини билмасди. Шариф учун милиса ҳам, прокурор, терговчи ҳам бир — суриштириб ўтирмай қамайдиган одамлар. Шариф энди иш бошлаган дамда, рўпарасидаги қоронғиликлар чекиниб, узоқдаги тилла чўққилар кўриниб, ўша томон талпиниб яшаётган пайтда касби қамашу хўрлаш бўлмиш бу одамни кўришни истамас эди. Аммо прокуратурадан келган одам унинг истаги билан ҳисоблашмайди — шуниси чатоқ.

Шариф ўзи билан пича олишиб ўтиргач, котибасини чақириб, «кираверсин», деди.

Уларнинг сўнгги учрашуви қамоқхонада бўлган эди. Унда Зоҳид ўрнидан силжимайдиган тахта устол ортида ўтирарди. Шариф хонага қўлларини орқасига қилиб, ўлимини бўйнига олган одамдай қаддини эгиб кирган эди. Ҳозир эса... кенг хонада, устига тўртта телефон қўйилган катта устол ортида Шариф ўтирибди...

Эшикдан Зоҳид кириб келди. Орқасида соқчи эмас, котиба кўриниб, Зоҳид ичкарига қадам қўйиши билан эшикни ёпиб олди. Зоҳиднинг қўллари орқасида эмасди. Қадди ҳам эгилмаган, юриши дадил эди. У «кутиб турсин», деган гапни эшитганидаёқ бошқоннинг учрашувга ҳуши йўқлигини сезганди. Ичкари кириб, Шарифнинг қимирламай ўтирганини кўргач, бир ғашланди. Аммо одоб юзасидан салом берди. Шариф бош ирғаб алик олди. Қўли билан рўпарасидаги стулни кўрсатиб, «ўтиринг», деган ишорани қилди. Унинг душманни кутиб олгандай қаршилаши Зоҳид учун кутилмаган ҳол эди.
— Эшитаман, — деди Шариф, Зоҳидга қарашга ботинмай. У терговчини хушламай қарши олгани билан саросимадан ҳали қутулмаган эди. Шу сабабли ҳам унга тик қарай олмади.

Зоҳид эса унга тикилиб турди. «Мен ҳали шунга ачинувдимми? Шунинг бегуноҳлигини исботламоқчи эдимми? Қамоқда чириб кетадиган тўнка экан-ку?» деб ўйлади.

Зоҳид Жалолшилимшиқнинг иши билан банд бўлса-да, Шариф Намозов тақдири, винзавод атрофидаги ҳангомаларни ўрганишдан бутунлай воз кечмаган эди. У ҳали Жалолшилимшиқ Асадбекнинг яқинларидан бири бўлганини билмайди. Билганда эди, «Асадбек лозим бўлган маҳалда сизни ҳам шу йигитдай ўлдиртириб юборади», деб айтармиди... Зоҳиднинг бу даргоҳга келишидан мақсади дастлабки иш бўйича ҳақиқат тагига етиш. Нима учундир «Шариф Намозов менга кўмак беради», деб ўйлабди. Одамнинг бунчалик тез ўзгариши мумкинлигини ҳисобга олмабди.
— Эшитаман, — деди Шариф бу сафар баландроқ овозда.
— Бир табриклаб қўяй деб кирдим. Шу кўчага йўлим тушиб қолувди.
— Раҳмат.
— Тўйда кўринмадингизми?
— Қайси тўйда?
— Асадбек қизини узатди-ку, сизни айтмадими?
— Сафарда эдим.
— Аттанг... Зўр тўй сизга насиб этмабди-да, а? Ишлар қийин эмасми?
— Шуни сўрагани келдингизми, бошқа гапингиз йўқми?
— Бошқа гапми?.. Бор. Қилич Сулаймонов билан ораларингизда нима гап ўтган эди?
— Ҳеч қанақа гап ўтмаган.
— Унда нима учун сизга туҳмат қилди. Озмунча пулга куймади, бояқиш. Сизнинг қамалишингиз унга нима учун зарур бўлиб қолганди?
— Сулаймоновнинг ишини сиз олиб боряпсизми?

Зоҳид саволдан кутилган мақсадни англади:
— Мен Намозовнинг ишини олиб боряпман, — деди дона-дона қилиб.
— Намозовнинг иши ёпилган, — деди Шариф тўнг оҳангда.
— Ҳозирча расман шундай. Сиз кўча чангитиб юрган киссавур бола эмассиз. Олимсиз. Қонунни яхши биласиз. Ҳар қандай иш қайта қўзғотилиши мумкин, — деди Зоҳид, ҳар бир сўзга алоҳида-алоҳида урғу бериб.
— Ўша қайта қўзғотилганда гаплашамиз.
— Яхши ният, ярим мол, ҳарҳолда гаплашарканмиз-ку, — Зоҳид шундай деб ўрнидан турди. — Қамоқхонада сиз менда бошқача таассурот қолдирган эдингиз. Сизни олим одам, илмдан бошқа нарсани тан олмайдиган ҳақиқатпарвар киши, деб ўйлаган эканман. Бу дунёда чин ҳақиқатпарвар одам анқонинг уруғи экан, шекилли?
— Ҳақиқатдан ҳамма гапирганида ҳам сиз гапирманг энди! — деди Шариф ўрнидан туриб. У Зоҳидни кузатиш учун ўрнидан қўзғалдими ё жаҳли чиқиб туриб кетдими, ўзи ҳам билмади.

Бурилиб кетмоқчи бўлган Зоҳид ажабланиб, унга қаради:
— Нимага? Мен ҳақиқатга мос келмайдиган бирон иш қилдимми ё сўз айтдимми?
— Бегуноҳ одамни муттаҳамларнинг ичига тиқиб қўйиш — ҳақиқатми?
— Афсуски, лақмалик учун қамаш мумкин эмас. Ўшанда сизни лақмалигингиз учун тиқиб қўйиш керак эди. Молдай ичиб, билакка қора доридан урдириб, уйда нима аҳвол, билмайсиз. Яхши ҳамки уйингизга қора дори ташлашибди. Хотинингизни сўйиб, пичоқ дастасини қўлингизга ушлатиб қўйишса нима қилардингиз?

Зоҳиднинг гапи Шарифни титратиб юборди.
— Гапирманг! — деди у жонҳолатда.
— Шошилманг, бу ҳам бўлиб қолар... сиздақа одамларни йўқ қилиш чўт эканми? Фақат касрингиз бошқаларга уради. — Зоҳид шундай деб эшик томон юрди.
— Тўхтанг, сиз нимага шама қиляпсиз?
— Ҳеч нимага. Ўзимча ўйлаяпман. Бошингизга бахт қуши қўнган экан, оёғидан маҳкам ушланг. Жар тепасига бориб қолганингизда аттанг, деманг. Сиз ўйнаётган ўйиннинг қонун-қоидаларини мен билмайман. Ҳарҳолда бу илм одами ўйнайдиган ўйин бўлмаса керак.

Илмдан чекинган икки одам серҳашам бир хонада худди дарёнинг икки қирғоғида тургандай гаплашишарди. Ажабланарлиси шундаки, уларнинг бири ҳақиқат истаб илмдан узоқлашди, иккинчиси ҳақиқат етказган жабрлардан безиб, илмдан юз ўгирди. Қамоқхонадаги учрашувда улар руҳан бир-бирларига яқин эдилар. Энди улар орасида олов дарёси бор. Уни кечиб ўтиш мумкинми? Улар яна тўқнашадиларми — Худо билади.

Зоҳид чиқиб кетди. Илмоқли гаплари билан Шарифнинг юрагини тирнаб кетди. Ҳақиқат деб жабр чекканлари тўғри. Аммо бу жабрнинг роҳати ҳам бор эди, тан олиш керак. Ҳақиқатдан чекинмаган одамнинг руҳи эркин бўлади. Дард чекса-да, тиз чўкмагани учун руҳи яйрайди. Ана шу роҳатдан ўзи ўз хоҳиши билан воз кечди. Аммо руҳи унинг бу қарори билан келиша олмайди. Зиндонда азоб чекаётган банди каби нола қилаверди. Ҳозир Зоҳид чиқиб кетгач, бу нола яна бошланди. Шариф ўрнига ўтириб, тирсакларини столга тираб, бошини чангаллади.

Эшикни қия очган котиба унга ажабланиб қараб турди-да, енгил йўталгандай бўлди. Шариф бошини кўтариб унга қаради.
— Телефонга қаранг, — деди котиба.

Шариф телефон гўшагини қулоғига тутиши билан Асадбекнинг овозини эшитди:
— Тинчликми?
— Тинчлик.
— Терговчи бола нимага келибди?
— Шундай ўзи...
— Чайналманг.
— Сулаймонов билан ораларингда нима гап ўтган эди, дейди.
— Қўрқиб кетдингизми? Қўрқманг. Бу бола бир ўлимтик чивин. Чақиб ўлдирмайди. Фақат ғинғиллаб ғашингизни келтиради. Пуф десак, чиққан жойига кириб кетади. Омон бўлинг.

Асадбек гапни қисқа қилди.

«Дарров қаёқдан била қолди, — деб ўйлади Шариф, — ҳаммаёққа айғоқчи қўйиб ташлаган шекилли?»

Шариф, Зоҳид айтгандай, гўл бўлмаганда, Қилич Сулаймоновнинг котибаси нега алмаштирилди, деб ўйлаб қўярди. Агар бирон марта бўлсин шаҳар марказидаги уч қаватли уй ертўласидаги видеобарга кирганда эди, котибанинг қаердан келиб қолганини фаҳм этарди.

Котиба кириб яқингинада видеобарда кўпнинг жонини олган нозли жилмайиши билан янги хўжайинига яқинлашди.
— Чой дамлаб берайми, Шарифжон ака!

Шарифнинг димоғига ёқимли атир иси урилиб, кўнгли равшанлашди.
— Майли, жуда аччиқ бўлмасин, — деди котибага бир қараб олиб.

Котиба устолнинг нариги четидаги чойнакни олиш учун орқадан айланиб ўтмай, Шарифнинг олдидан қўл узатиб эгилди. Шарифнинг димоғига атир иси гупириб урилди. Кўзи котибанинг сийнабанд тақилмаган кўкраклари орасидаги ариқчага тушиб, кўнгли ғалати бўлиб кетди. Котиба ҳеч нарсани сезмагандай қаддини ростлаб, унга бир ишвали жилмайди.

2

Бировга ёмонлик қилмайдиган одамни «яхши одам» дейишади. Ўзгаларга яхшилик қилмовчини-чи? Бошқаларга яхшилик қилмайдиган одамнинг ёмонлик истовчидан фарқи борми?

Винзаводдан узоқлашаётган Зоҳид шу саволга жавоб истар эди. Устози Ҳабиб Сатторович илмга рағбати бор, иқтидорли олимга жонини ҳам беришга тайёр. Ўзининг ишини четга суриб, бошқага ёрдам қўлини чўзади. Бу яхшиликми — яхшилик. Лекин кўчада биров очдан шишиб ўляпти, десангиз, ёрдам бериш учун чиқмайди. Ўша ўлаётган одам олим десангизгина чиқиши мумкин. Бу-чи, бу ҳам яхшиликми ё аблаҳликми? Шариф Намозов ҳам шу тоифаданми? Хўш, Зоҳид нима қилиши керак? Бу олим очдан эмас, тўқликдан шишиб ўлишни маъқул кўрибди. Унга ёрдам берсинми? Яшашга ўзида рағбат бўлмаган одамни ўлимдан қутқариб бўларканми?

Олим одам қандай қилиб илмни мансабга алмаштириши мумкин? Аввал мансабга етишиб, сўнг олим деган унвонга эришганлар сон мингта. Бу одам эса... Тўғри, бошқон бўлатуриб ҳам илмий ишини давом эттирар. Лекин ҳозирги ҳолда илм яхшиликка эмас, жиғилдонга хизмат қилиши аниқ бўлиб турибди. «Танлаган касбининг ўзи майда эди, — деган қарорга келди Зоҳид. — Мусаллас ишлашнинг янги усули. Кимга керак бу усул. Янгича мусаллас жамиятни яхшилашга, тозалашга хизмат қиладими? Узумни олдинг, сиқиб шарбатини чиқардинг, идишнинг оғзини маҳкамлаб, қоронғи жойга қўйдинг. Шунга ҳам илм керакми? Одамларни алжитиш, миясини суюлтиришни ҳам «илмий асосда йўлга қўйиш керакми?» Шуни олим дедимми? Шунга ачиндимми? Э, аҳмоқ, Ҳамдам аканинг гапларига киришим керак эди. Ҳамдам акага ўхшаб бу одамнинг қорнига бир тепмайманми, жони оғриб турганида жиноятини бўйнига қўйиб, қоғозга имзо чекдириб олмайманми...»

Зоҳид йўлга оқ пояндоздай тўшалган қорни ғичирлатиб босиб пича юргач, пишқириб тўхтаган автобусга чиқди.

Ўзи ишлаган хонага кирганида Ҳамдам Толипов дераза токчасига ўтириб олиб сигарет тутатарди. Хона тутунга тўлиб кетган, демак, Ҳамдам анчадан бери шу ерда, балки кимнидир сўроқ қилгандир. Балки кимдир яқингинада тепки еб чиқиб кетгандир...
— Ҳа, одил прокурор, ишлар қалай? — деди Ҳамдам ўтирган ерида қўл узатиб. — Ҳақиқат ўрнатиб бўлдингми?
— Ўрнатяпман, — деди Зоҳид, жилмайишга ҳаракат қилиб.
— Ўрнатавер. Бизам би-ир яйраб яшайлик.
— Кайфият йўқми? Нима бўлди?
— Кайфият жойида. Бу дунёда ҳаромилар бор экан, кайфият жойида бўлади. Сен ҳақиқатни ўрнатганингдан кейин ишсиз сиқилиб, кайфиятим бузилади,— Ҳамдам шундай деб чўнтагидан дафтарча чиқарди. — Ёзиб ол: Шерқўзиев. Таксопаркда йигирма икки йилдан бери ишлайди. Комиловни аеропортда охирги марта шу одам кўрган. Комилов иккита кавказлик йигит билан савдони пишитаётганда ёнида бўлган. Комилов уларни нақд икки юзга тушириб, соат тўртларда Чимкентга қараб жўнаган.
— Чимкентга? Унда Чиноз йўлига қандай бориб қолган? Балки Шерқўзиев янглишгандир?
— Чимкентгалигини аниқ билади. Йўлда кавказликлар адашибмиз, бизга Чиноз керак экан, дейиши мумкинмасми? У лақма эса бундан хурсанд бўлади. Ҳарҳолда Чиноз яқинроқда. Балки яна беш-ўн сўм қўшишни талаб қилгандир, улар кўнишгандир.
— Шерқўзиев уни танир эканми?
— Ўша куни танишибди. Қараса, машина ўзи ишлайдиган таксопаркники, «Ошна, қачон келдингиз?» деб сўрабди. «Яқинда келдим», дебди. «Мошин янги-ку, қандай ундирдингиз? Биз уч йилдан бери кутавериб сарғайиб кетдик», дебди. Комилов «сарғаймаслик учун тузукроқ узатиш керак эди», дебди. Шерқўзиев шунга ҳайрон. Хўжайинларга берадиганини бериб қўйган экан. Машина биқинига «ижара пудрати», деб ёзилган экан. Таксопарк хўжайинлари эса бундай эмас, деб туришибди.
— Ўғирланганми?
— Янги машина ўғирланса, улар жим ўтиришармиди? Бу ерда тўдаларнинг қўли борлиги сезилиб турибди. Асадбекми, Ҳосилбойваччами, Марканянми?.. Ким олган машинани? Комилов кимнинг хизматкори? Ҳа, Шерқўзиевнинг гапига қараганда Комилов Сибирдаги жононларнинг қилиқларини таърифлаб берган экан. У Сибирда нима қилган? Гастролга борганми? Гап кавласанг, савол қайнаб чиқаверади. Сен унга жавоб топа олмасанг керак.
— Шу даражада ношудманми?

Ҳамдам дераза токчасидаги «шоҳсупаси»дан тушиб, Зоҳидни елкасига енгил мушт уриб қўйди.
— Гап сенинг ношудлигингда эмас. Бу чигални ҳатто улуғлар улуғи Ҳамдам Толипов ҳам еча олмайди,— у шундай деб кулиб қўйди. — Кўнглим сезиб турибди, бу тўданинг иши. Тўғри, ёғочнинг учта эмас, иккита учи бўлади. Бир ёғини боссанг, иккинчи томони келиб пешонангга урилади. Ё яқин кунлар ичи тўдаларнинг ўзи кераксиз бир одамини қотил қилиб кўрсатиб, сенга рўпара қилади, ё «очилмаган ишлар» рўйхати биттага кўпайиб, сен хўжайининг олдида ношуд ходим сифатида қаддингни кери-иб турасан.

Ҳамдам гапини ҳазилга бурмоқчи эди, эплолмади. Табиатан кескинроқ одамнинг кайфияти бузилиб турган пайтда ҳазил қилиши туянинг балет рақсига тушишидай бўлар экан. Ҳамдамнинг бунақа ҳазиллари Зоҳидга янгилик эмас. Ҳамдам ўз ёғига ўзи қовурилиб турган пайтда олдиндан келган одамни тишлайди, орқадан келганни тепади, аямайди. Фақат марҳамат қилсагина ҳозиргидай ҳазиллашиб қўяди.

Ўхшатмасдан учратмас, деганларидай Зоҳиднинг кайфияти ҳам ўзингизга маълум. Шариф Намозовнинг гаплари, қилиғидан тамом гангиган Зоҳидга Ҳамдамнинг ҳазили малол келди.
— Тўда, тўда, дейсиз нуқул. Шунчалик жонингизни олиб қўйганми улар? Ким ўзи улар — одамми ё девми?

Ҳамдам рўпарасидаги жиззаки йигитни энди кўраётгандай қаттиқ тикилди.
— Уларнинг кимлигини билмайсанми? Улар одам ҳам, дев ҳам эмас. Улар аждарҳо. Юз бошли аждарҳо. Аммо танаси, қорни битта. Улар қувватни қаердан олади, биласанми? — Ҳамдам кўрсаткич бармоғини юқорига ниқтади. — Аждарҳонинг жони сақланадиган қутича ўша ерда. Тўдаларга фақат ўшалар бас кела олади. Сен аждарҳонинг бошларини нима билан узмоқчисан, қуруқ гап биланми? Ё «бу дунёда адолат деган гаплар ҳам бо-ор», деб аждарҳонинг қулоғига азон айтасанми? Ўшалар, — Ҳамдам бармоғини яна юқорига нуқди, — қўлингга ўткир қилич ҳам бериши мумкин. Сен бориб аждарҳонинг битта бошини узасан. Сенга раҳмат айтишади. Газитда суратингни чиқаришади. Юзта бошдан тўқсон тўққизта қоладими шунда? Бекорларни айтибсан. Сен узиб ташлаган бош ўрнига дарров бошқасини қўйишади.
— Фалсафадан дарс беришга арзийдиган домла бўлиб қолибсиз, — деди Зоҳид, пичинг билан.
— Ўғриваччаларни қувлаб юрган одамнинг фалсафаси ҳам шунақа майда бўлади. Сенга ачинганимдан би-ир гапириб қўяман-да. У ерда косанг оқармайди. Фақир киши панада бўлгани маъқул-да. Адолат қилишингга улар йўл беришмайди. Ғирром ишларга эса сенинг виждонинг йўл қўймайди. Икки ўт орасида қовурилиб юраверасан. Мана, олдинги ишинг нима бўлди? Овсарга ўхшаб оғзингни очиб қолавердинг.
— Энди оширвордингиз, ака. Гап деб гапираверар экансиз-да. Оғзимни очиб қолганим йўқ. Илоннинг думини кўриб турибман.
— Зўрсан-ку! — Ҳамдам қойил қолган одамдай кўзларини катта-катта очиб, Зоҳидга қаради.
— Масхара қилманг. Сизга тўғрисини айтяпман.
— Илоннинг думини кўриб нима қиласан? — Ҳамдам энди ошкора пичинг билан гап бошлади. — Илон кавагига кириб кетиши мумкин. Сиз кавак оғзида пойлаб ўтираверасиз, илон эса дўнгнинг нариги томонидаги кавакдан чиқиб ишини қилаверади. Қочмасин, деб думини боссангиз, нима бўлишини биласиз-а? Ҳа, чақади!

Зоҳид бу гапларни тоқат билан эшитди. Ҳамдам ҳаяжонини бир оз босиб олгач, винзаводга кирганини айтди.
— Ана, кўрдингми! Бу маразга раҳминг келувди. Шуни деб Асадбек билан олишмоқчи эдинг. Шуни деб ўлиб кетсанг, аммо жуда хафа бўлардим. — Ҳамдам устол устидаги қора дафтарчани олиб варақлади. Керакли саҳифани очгач, телефон гўшагини кўтариб, рақам терди. — Алло, винзаводми, синглим, менга директор ўртоқ Намозов кераклар. Полковник Мусахўжаевман. Мажлис тугашини кутишга вақтим йўқ. — Ҳамдам «ҳозир боплайман», дегандай Зоҳидга кўз қисиб қўйди. — Ўртоқ, Намозов, салом. Полковник Мусахўжаевман. Турмадан бешта жиноятчи қочганини эшитдингизми? Газит ўқийсизми ўзи, ҳаммаёқда шов-шув-ку? Нега алоқаси бўлмасин, сизга ҳам алоқаси бор учун телефон қиляпман. Кеча кечаси турмани кавлаб бешта хавфли жиноятчи қочган. Улар орасида Қилич Сулаймонов ҳам бор. Танийсиз-а уни? Хуллас, у кимдандир ўч олишини айтган экан. Кимларни назарда тутганини билмаймиз. Лекин ҳар эҳтимолга қарши сизни огоҳлантириб қўямиз. Агар уни кўриб қолсангиз, дарров бизга хабар қилинг. Хўп, хайр.

Ҳамдам гўшакни жойига қўйиб, жилмайди.
— Довдир. «Албатта қўнғироқ қиламан», дейди. Кимга, қандай телефон қилади, овсар. Душман уясига ғулғула солиб қўйдим. Ҳозир қўнғироқлар бошланади. Милисага, прокуратурага, турмага... Тасаввур қиляпсанми? Оёғи куйган товуқдай бўлишади. Шуни би-ир томоша қилсанг, хумордан чиқсанг.
— Бекор қилдингиз, фойдаси борми?
— Фойдаси бор. Ҳеч бўлмаса кўнгил, — Ҳамдам кўкрагига енгил муштлади, — таскин топади. Бу итдан тарқалганларни гирибонидан ушлаб ўтқизиб қўйиш қўлимиздан келмаганидан кейин инига бир марта чўп суқиб қўйсак ёмонми? Ҳадеб биз куйиб-ёниб юраверамизми? Улар ҳам бир куйсин.
— Барибир бекорчи иш бу.
— Вей, менга қара, прокурор. Сен ишингни ўзгартир. Сен женсоветга раис бўлиб бор. Сенинг жойинг ўша ерда, ҳа!

XVI боб

1

Асадбек тўйдан кейин бир оз ҳаловат топарман, деб ўйлаган эди. Қиз узатган одамда ҳаловат бўлмаслигини у қаёқдан ҳам билсин! Қиз куёвникига кетар олдидан отаси ҳузурига бош эгиб келуви, отанинг эса дуо қилуви расм эди. Зайнабни шу расмга биноан бошлаб келдилар, аммо ўз ҳовлисида эмас, ресторан остонасида, маст-аласт нигоҳлар гувоҳлигида дуо қилмоғи лозим бўлди. У кўп яхши ниятларни дилига тугиб қўйган эди. Қизининг мўъминлик билан бош эгиб келаётганини кўрганидаёқ ҳуши учди, томоғига бир нима тиқилди. У онасининг ўлимидан сўнг кўзига ёш олмаган эди. Ҳозир йиғлагиси келди. Қизи бир қадам берида тўхтади. Асадбек отасини қучоқлаб йиғлаган қизларни кўрган, ўз қизининг ҳам шундай қилишини кутиб эди. Бахтига бундай бўлмади. Асадбек аввалига «нима учун тўхтаб қолди?» деб ажабланди. Кейин «яхши бўлди, йиғласа мен ҳам ўзимни тутиб туролмас эдим» деди-да, фотиҳага қўл очди. Ҳаяжон ўйлаб қўйган гапларини тўзитиб юборган эди. Ўйлашга, гап топишга фурсат йўқ — юзлаб қўллар дуога очилиб, юзлаб кўзлар унга тикилган, «Бахтли бўлгин, қизим», дейишдан ўзга сўз тополмади. Қизига яқинлашиб, пешонасидан ўпди.

Қизи Асадбек юрагининг бир парчасини юлиб олиб кетди.

Шундан бери хаёли қизида. Эшик тиқ этса хавотир билан қарайди. Телефон жирингласа ҳам юраги бир тўлқин уради. Назарида қизи шармандалик юкини ортмоқлаб, кўзёшини тўкиб, фарёд уриб кириб келаётгандай туюлаверади.

Аъёнлари уч-тўрт кун дам олинг, дейишганида кўнган эди. Биринчи куниёқ уйда қолиш дам эмас, азоб эканини ҳис қилиб шаҳар марказидаги қароргоҳига жўнаворди. Бугун ҳам эрталабдан сароймонанд хонасида аъёнларини кутмоқда эди.

Чувринди Самарқандга ширинсув корхонасини ишга туширишга, Кесакполвон эса Марғилондаги музқаймоқ корхонасининг нима сабабдан тўхтаб қолганини аниқлаш мақсадида кетишган эди.

Асадбек хонасига кириши билан ҳисобчини чақирди. Видеобарнинг ўнг томонидаги хона ҳисобчиники. Япон анжомлари билан иш юритувчи ҳисобчи Асадбекни қизиқтирган ҳар қандай маълумотни бир лаҳзада етказади. Бу сафар ҳам шундай бўлди. Вилоятларга тариқдай сочилган, кўриниши назарга тушмас даражада кичик, аммо фойдаси катта корхоналаридан хазинага пул аввалгидай оқиб турибди. Асадбек винзавод масаласини ҳал қилиб олгач, бу хўжаликни тенг иккига бўлиб, аъёнларга беришни ният қилган. Аъёнлар буни билишади. Шу сабабли корхоналардан ҳамиша бохабар бўлиб туришади.

Асадбек ҳисобчининг ахборотидан кўнгли тўлиб ўтирганида телефон жиринглади. Қўшни хонадаги қизлардан бири ёқимли овози билан гапириб, винзавод директори йўқлаётганини билдирди. Асадбек мовий телефон гўшагини кўтарди. Икки соатча илгари винзаводдаги одамлар прокурор келганини билдиришган, Асадбек, «Қўрқманг, биз ҳаммасидан хабардормиз», деган мазмунда кўнглига далда берган эди. «Бунга яна нима жин тегди», деган хаёлда гўшакни қулоғига тутди. Шарифнинг хавотирга тушганини овози ошкор қилиб турарди. У Қилич Сулаймоновнинг қамоқдан қочганини айтгач, Асадбек:
— Бўлиши мумкин эмас! — деди кескин. — Ким телефон қилди?
— Полковник Мусахўжаев деган одам.
— Қаердан?
— Милисадан бўлса керак.
— Нима кўп, милисанинг идораси кўп. Нима кўп полковник кўп.
— Тўғри... лекин Мусахўжаев биттадир?

«Яна ақл ўргатади-я», деб ғижинди Асадбек.
— Ваҳима қилаверманг. Қилич Сулаймоновдан ўнта бўлса ҳам қўрқманг.

Асадбек иғвонинг исини туйган бўлса ҳам, керакли бир жойга қўнғироқ қилиб, аниқлаб беришни топширди.

«Қиличнинг қочиши ҳечам мумкинмас. Хоҳласа шундай ҳам чиқиб келади. Ё Ҳосил аралашдими? Қочганлар унинг одамлари бўлса, балки шу гап ҳам тўғри чиқар. Бу бойваччанинг қимирлаши яхши бўлмаяпти. Қилични ўтқазиб қўйиб бекор қилдимми?..»

Чорак соатга қолмай ҳаммаси аён бўлди. Қамоқдан беш киши қочгани тўғри, лекин Қилич Сулаймонов жойида эди. Полковник Мусахўжаев деган одам эса йўқ. Демак, иғво! Кимга керак бу иғво? Мақсад Шарифни қўрқитиб қўя қолишми? Ё Асадбек салтанатига тош отиб, ғашига тегишми? Ким бўлса ҳам нозик жойидан олган. Бегонанинг иши эмас бу. Асадбек бир тўхтамга келишга улгурмай Ҳосилбойвачча қўнғироқ қилди.
— Акахон, тўйнинг чарчоқлари чиқай дедими? Аммо оламжаҳон зўр тўй қилдингиз-да! Ҳорманг, деб супрақоқдига боришга вақт бўлмади. Тўйингизнинг эртасига Фарғонага жўнаб қолдим. Бугун қайтдиму окахонни бир йўқлаб қўяй, дедим.
— Тинчликми? — деди Асадбек.
— Ғалвали ишлар бор. Кўришганда айтаман.
— «Камаз»га кетганлардан дарак борми? Қўлидан иш келадиган болалармиди ўзи?
— Бу ёғига хотиржам бўлинг, окахон. Ўнта «Камаз» сизники. Шу ҳафта ичи етказиб келишмаса, башарамга туфланг.
— Сиздай укахонларга ишонмасак, кимга ишонамиз, шунчаки сўраб қўйдим-да.
— Аммо, тўйингиз жаннатнинг тўйидек бўлди-да! Биз ҳам шундай тўйларга етайлик, деб ният қилдик. Энди кичкинагина бир маслаҳатли иш бор. Куёвингизга бир хизматча чиқиб турибди. Бир қадрдонимиз тўй...
— Ҳосилбой, жигарим, бунақа гапларни ўзига айтинг... Мен «амма-холаси ҳаводор», деб ўтирадиган дастурхончи эмасман, шекилли?
— Узр, окахон, аввал олдингиздан ўтай девдимда...

Ҳосилбойвачча узр айта-айта хайрлашди. Асадбек гўшакни жойига қўйиб, сўкинди. «Ҳайвон-э, — деди у, — энди калака қилишни бошладими? Нима демоқчи? Отарчига қиз бериб, унинг гумаштасига айландинг, демоқчими?.. Мақсад нима? Элчинни тўйга айтишми? Ундан машҳурроқ отарчилар турганда-я? Ҳа, тулки! Элчинни тўйга олиб бориб, калака қилади. «Кўриб қўйларинг, Асадбекнинг куёви керак бўлса оёғимни ўпади», дейдими? Нима учун қўнғироқ қилди ўзи? Мақсад шуни сўрашмиди ё ҳолимдан хабар олмоқчимиди? Шарифга шунинг одамлари телефон қилмаганми? Бу ғалва кимга керак?»

Асадбек шу тўхтамга келди. Катта урушларнинг майда қитмирликлардан бошланиши унга маълум. Ҳосилбойваччанинг ягона ҳоким бўлишга тиришиши ҳам унга сир эмас. У тулки урушни ўзи бошламайди. Биринчи бўлиб қўл кўтаришга Асадбекни мажбур қилади. «Қани, ғимирлайвер-чи...» Асадбек шундай деб ғижиниб, ўтирган ерида Бўтқани чақирди.
— Жамшид шу ердами, айт, отарчини... Элчин акангни топиб келсин.
— Хўп бўлади, Бек ака, окахон келгандилар, — Бўтқа шундай деб хушхабар етказгандай жилмайди.
— Қайси «окахон»?
— Жалил акамиз-да.
— Ўзими?
— Кўчада иккита чол турибди, бирга келишди.
— Қани, чақир-чи.

Жалил бир оз кутиб қолганми, тумтайганроқ кўринишда кириб келди. Асадбек уни ўрнидан туриб қаршилади.
— Киравермай, ўтирдингми? — деди Асадбек. — Бунақа одатинг йўғиди-ку?
— Ҳурматинг бор, ошнам. Биз бир бекорчи одам бўлсак, — у шундай деб қўлтиғига қистириб олган эски газитга ўроғлик нарсани узатди. — Тўйга келолмадим. Яхши ўтказиб олдингми?

Асадбек кулимсираб газитни оча бошлади. Жалил нима келтирганини у биларди. Билса ҳам дўстининг кўнгли учун очишга мажбур эди. Очмаса Жалил бобиллаб бериши тайин. Эски газитга эски калиш ўралган эди. Бу ўша эски фалсафа — судраб юрган чориғингни унутма.
— Тўйга келмаганингга гина қилиб ўтирувдим, тинчликми ўзи, нимага келмадинг?
— Сен мени тўйга айтдингми? — Жалил овозини бир парда кўтарди.
— Биринчи бўлиб сенга хабар бердирганман.
— Катта бўлсанг ўзингга, бу биринчидан, бойвачча бўлсанг ҳам ўзингга, бу иккинчидан, хўпми! Лайчаларингни юбориб тўйга айттирдингми? Ўзингнинг оёғинг етмадими?
— Энди ошна, тўйчилик, шошиб қоларкансан.
— Ўзингга ўхшаган бойваччаларни айтишга шошмагандирсан?
— Хўп, тавба қилдим, мен аҳмоқман, — Асадбек ҳам овозини кўтарди, — ўзим бормабман. Ошна деган эшитса келаверади. Оғайнисининг ёнида далда бўлиб, қўл қовуштириб туради.
— Ҳа, бўпти, қўрққан олдин мушт кўтарар, деб жириллайверма. Нимага келдинг, деб сўрамайсан-ми?
— Бир ғалвани бошлаб келгансан-да, кўчадаги чоллар ким?
— Соли ота билан Жўра чўлоқ.
— Жўра чўлоғинг ким?
— Яқинда келган. Собир қозоқнинг уйини сотиб олган. Танимасанг керак уни.
— Нима ишлари бор экан?
— Мен айтайми, ўзларидан эшитасанми?
— Чақир.

Асадбек Жалилнинг изидан чиқиб, оқсоқолларни видеобарда кутиб олди-да, тўрт кишига мўлжалланган устолга бошлади. Бўтқа буйруқни кутмаёқ, дастурхон безади. Қариялар ертўла ҳам шунақа ажойибхонага айлантирилиши мумкин экан, деб ҳайратланиб ўтиришди. Бир пиёладан чой ичилгач, Соли ота деганлари оҳиста сўз бошлади:
— Энди ўғлим, биз отанг раҳматли билан вақтида ошначилик қилганмиз. Тўғри одам эди. Бировнинг кўнглини оғритмасди.
— Жойи жаннатда бўлсин, — деб гап қистирди Жўра чўлоқ деганлари. Соли ота «гап қўшмай туринг», дегандай унга қараб олди.
— Гап шуки, ўғлим, сиздан ҳам розимиз. Маҳаллага хизматлар қилиб бердингиз. Хизматларингизни унутмаймиз. Аммо бир ишингиздан норозимиз, шуни айтгани келдик.
— Кўпчилик норози, яхши иш қилмабсиз, — деди Жўра чўлоқ.

Асадбек ажабланиб, Жалилга қаради. У «ҳозир ўзинг эшитасан», дегандай им қоқди.
— Ўғлим, биласиз, маҳалламиз эски, тўкиламан, деб турибди. Битта каталакдеккина уйда ўнта оила. Болаларимиз турмуш қуриб ўз уйларига сиғмай ижараларда ўтиришибди. Бу эскилар қачон бузиларкин, қачон бизга ҳам уй тегаркин, деб кутавериб сарғайиб кетдик.
— Бунақада сил бўлиб кетиш ҳеч гапмас, — деди Жўра чўлоқ. Соли ота унга яна бир марта норози қиёфада қараб олди.

Асадбек бу ташриф ташаббуси Соли отадан эмас, айнан шу чўлоқдан чиққанини англаб, ғижинди. Узоқдан бошланган гап моҳиятига етгунча тоқат қилди.
— Гапнинг индаллоси шуки, ўғлим, бултур уйлар бузилади, деб ўлчаб-нетиб кетишувди. Энди эшитсак, бузилмасмиш. Узунқулоқ гапларга қараганда сен тўхтатган эмишсан.
— Менми? — Асадбек ажабланди. — Ким айтди?
— Шамол бўлмаса, дарахтнинг учи қимирламай-ди, — деди Жўра чўлоқ.

Асадбек унга қовоқ уюб қаради:
— Ўша шамол қаёқдан келди?
— Энди эшитдик-да, ўғлим. «Ота-онам яшаган уйни буздирмайман» деганмишсан. Бир жиҳатдан сен ҳақсан. Менинг ҳам кўзим қиймайди. Саксон йилдан бери кўрганим шу маҳалла. Ўлигим шу уйимдан чиқса армоним йўқ эди. Лекин иложим қанча? Болаларимга ачинаман. Қўлим калталик қилиб, тузукроқ уй-жой эплаб беролмадим. Ночорман-да...
— Соли ота, сиз шу гапларга ишондингизми? Ҳукумат бузаман деса, мендан сўраб ўтирарканми? Мен ҳукуматга кимман? Ҳеч кимман! Одамлар гапираверади-да.
— Одамлар аҳмоқ эмас, бўлар-бўлмасга гапираверишмайди, — деди Жўра чўлоқ. — Сизнинг кимлигингизни биламиз. Қаёққа қўл узатсангиз етади.
— Шунақами?! — Асадбек қўлидаги пиёлани устол устига тақ этиб қўйди. Жўра чўлоққа ғазаб билан тикилди.

Жалил ҳам, Соли ота ҳам иш бузилганини фаҳмлашди.
— Майли, ўғлим, хафа бўлма, одамларнинг оғзига элак тутиб бўлмайди-да, — деди Соли ота вазиятни юмшатишга ҳаракат қилиб. Аммо ғишт қолипдан кўчган, суҳбатни давом эттиришнинг ҳожати йўқ эди.

Асадбек бир кўнгли Бўтқани чақиртиргиси, бу чўлоқни кўчага улоқтиргиси келди. Ёнида ўтирган Жалил «ўзингни бос», деган маънода сонига туртиб қўймаганида балки шундай қиларди ҳам. Бироқ, фақат жисман эмас, ақлан ҳам оқсоқ бўлганлар валдираганида жим ўтиролмас эди. Бунақаларнинг «Бопладимми!» деб чиқиб кетишига йўл қўя олмас эди.
— Сен кимсан ўзинг? — деди Асадбек, Соли отанинг гапига парво қилмай. Унинг дабдурустдан сансирашга ўтиши Жўра чўлоқни андак довдиратди. У жавобга оғиз жуфтламай туриб, савол яна такрорланди: — Ўзинг кимсан, деяпман. Маҳаллага битта тош қўйганмисан? Кеча келиб бугун ҳаммаёқни саситиб юрган сенмисан, ҳали?! Соли ота, ит етаклаб юриш одатингиз йўқ эди-ку, қариганингизда сизга нима бўлди? Бу агар маҳаллага сиғмаётган бўлса кетига бир тепиш керак, чиққан жойига кириб кетсин.

Жалил тиззаси билан яна сонига туртди.
— Бўлди, қўй энди, — деди.
— Сен жим ўтир. Кимлигимни бу билмаса сен биласан-ку? Шунақа дейишса, бошлаб келавердингми? Агар қўлимдан келса... буздиртирмайман маҳаллани! Ҳаммаёқ бузилиб бўлди. Битта маҳалла қолсин. Аммо мана буни, — Асадбек кўрсаткич бармоғи билан Жўра чўлоқни кўрсатди, — йўқотинглар. Маҳаллага бегона аралашмасин.
— Сиз...

Жўра чўлоқнинг гапи оғзида қолди. Соли ота дуога қўл очди.

2

Асадбек иғво қилинганини, Қилич Сулаймонов қамоқда ўтирганини айтганидан кейин ҳам Шариф тинчимади. Эси оғиб қолган одамдай хонасида у ёқдан-бу ёққа бориб келаверди. «Нимага иғво қилишади, ким иғво қилади?» деган савол миясига ўрнашиб олиб тинчини бузди. Телефон қўнғироқларига ҳам жавоб бермади. Котиба биринчи марта эшик очиб, ажабланди. Иккинчисида «жиннироқ одамми бу», деб чўчиди.

Шариф хонасига сиғмади. Палтосини кийиб уйига кетди. Қамоқдан қайтган куннинг эртасигаёқ ўзи учун ҳам кутилмаган бир тарзда ҳовлисида қурилиш бошланган эди. Иккита ағдарма машина пишиқ ғишт ташлаб кетганида «шўпирлар адашди-ёв», деб ўйлади. Сўнг тўрт киши ғиштни ҳовлига таший бошлади. Сўнг тахта келди. Мардикорлар Шарифнинг саволига фақат елка қисишди. «Бизга пул бериб буюришди, биз ишлаяпмиз», дейишдан нарига ўтишмади. Бу ҳаракатлар Асадбекнинг ҳиммати туфайли бўлаётганини кейинроқ билди. Ундан кўра кўпроқ Насиба хавотирга тушди. Эрининг қамалиши, пул сўраб ёзилган хат, сўнг тўсатдан озод бўлиши, кейин қурилиш... винзаводга бошқон бўлиш... Ҳар қандай аёлнинг эсини ўғирлаши турган гап. Аёлларнинг сочи узун, ақли калта, деганлар уларнинг кўнгли сезгир бўлишини ҳисобга олмаган бўлсалар керак. Хонадонлари боши узра ёпирилиб келаётган абри балони эрлардан аввалроқ сезадилар. Сезадилар-у, уни қайтаришга ожизлик қиладилар. Насиба эрининг ёмон бир ўйинга аралашиб қолганини сезиб турарди, аммо уни бу ўйин гирдобидан чиқариб олишга қурби етмасди. Қурилишни қандай тўхтатсин, қандай қилиб винзавод бошқонлигидан бўшатсин? Шунча йил камтар ҳаёт кечириб, бирданига дабдаба бошланиши маҳалла назаридан четда қоларканми? «Босиб қўйган пуллари бор экан, писмиқлар!» дейишадими ё «винзаводга хўжайин бўлиб босар-тусарини билмай қолди», деб гап тарқатишадими? Нечта одам керакли жойларга хат ҳам жўнатгандир...

Насиба бехос кириб келган эрини кўриб ажабланди. Оқарган юзига қараб «тоблари қочибди», деб ўйлади.
— Усталар қани? — деди Шариф, хотинининг саломига алик олмай.
— Келишмади. Кеча «совуқда ғишт термаганимиз маъқул», дейишувди.
— Ҳе, ношуд! Шуларни ҳам эплаб ишга солмагин! Бунақада юз йилда ҳам битмайди уйинг.
— Вой, мен уларга хўжайинманми?..
— Оғзингни очиб ўтиравер. Каталакдай уйда катта бўлгансан. Сенга одамбашара уйнинг кераги йўқ. Ўтиравер!

Насиба эрининг авзойи бузилганини билиб, битта гапдан қола қолди. Эр ғазаб отига миниб, қилич яланғочлаган маҳалда хотинга қийин. Эрга пешма-пеш гап топиб бериб турса ё калтак ейди, ё уйдан ҳайдалади. Битта гапдан қолса яна ёмон — хотиндан жавоб қайтмагач, эрнинг ғазаб тошлари ичида қолиб, қийнаб юборади. «Нимага тумтайиб олдинг, гапларим ёқмадими?» деб бошқа томонга ҳужумга ўтади.

Ҳозир ҳам шундай бўлди. Шариф бисотидаги бақириқларни ишлатиб бўлгунича Насиба индамай тураверди. Кейин уйга киришди. Шарифнинг назарида уй исиб, димиқиб кетган экан. Насиба бу учун ҳам гап эшитди. Шариф тажрибахонасига кириб бир пиёла ўткир мусалласдан ичгач, ҳовури сал босилди. «Насибага нима учун бақирдим?» деган савол уни инсоф кўчасига қайтарди.

Насиба ҳозир туриб кетадигандай диванда омонат ўтирар эди. Шариф унинг ёнидан жой олди.
— Бўлдими? — деди Насиба, зардали овоз билан. — Нафсингиз ором олдими?

Бир томон ўқларини отиб тамом қилган, энди иккинчи томоннинг қарши ҳужумга ўтиши учун шароит етилган эди.
— Ҳм, гапларим ёқмадими? — деди Шариф, чекиниш нияти йўқлигини маълум қилиб.
— Ёқди, мойдай ёқди. Нима бўлди ўзи?
— Ҳеч нима. Усталарга жавоб бериб юборганингни...
— Усталарга мен жавоб берибманми? Усталар ишласа ҳам барибир, аламингизни мендан олардингиз. Айтинг, нима бўлди?

Энди чекинмаса бўлмайди. Итнинг феъли эгасига маълум, деганларидай, Насиба эрининг одатини билади. Қачонки, ишхонада ё кўчада нохушликка дуч келса, аламини уйдан олади, кейин ҳасратини тўкади.
— Мени ҳам одам қаторига қўшишибди, — Шариф ҳазил оҳангида гапирмоқчи эди, уддалай олмади. Сўзлари лабидан титраброқ учди. — Биттаси телефон қилиб, «Сулаймонов қамоқдан қочди», дейди.
— Адо бўлсин, қочса сизга нима?

Шариф «у сени ўлдирмоқчи» деган гапни айтмади. Айтса, Насиба ваҳимага тушиши мумкин эди.
— Қочмаган экан, иғво қилишибди.
— Вой, адаси, бу ишлар менга сираям ёқмаяпти. Қўйинг ҳаммасини, тинчгина ўтирайлик.

Чекиниш тадориги алдамчи экан. Мусалласга алданган ғазаб бирдан бош кўтарди. Хотинининг дилдан куйиниб айтган гапи унга ғараздай бўлиб туюлди.
— Сен тинчгина ўтир. Бошқалар менинг бошим- га чиқиб олиб истаган номаъқулчилигини қилаверсин, а?!

Қарши томон жавоб бермай, яна маъсумалик либосига ўранди. Шариф шарт ўрнидан туриб тажрибахонасига қараб юрди. Насиба чуқур уф тортиб қўйди. Шариф бир пиёлага қаноат қилмай, яна биттасини бўшатгач, хонасига қайтди.
— Мен кимман, биласанми? — деди хотини олдига келиб. Насиба «кимсиз?» дегандай унга қаради-ю, яна индамади. Саволга Шарифнинг ўзи жавоб берди: — Мен олимман! Мени чет эл ҳам билади! Қайси академигингнинг орқасидан чет элликлар юрибди. Бу академикларинг, дўктурларинг чет элга бориб қолса, уларга ит қарамайди. Чунки уларда илм йўқ. Менда илм бор. Лекин суянадиган тоғим йўқ! Энди тоғ топилди. Одамлар нима деса деяверсин. Мен фақат ўша тоққа суянаман. Намозовнинг кимлигини билиб қўйишсин. Мен ҳам ўша йўлимни тўсган академикларингга тупуриб ўтаман. Энди тинч ўтириш йўқ, билиб қўй. Тинч юриб топганим қамоқ бўлдими? Қамоқда чириб кетишим керакмиди?

Шу пайт қорнида кучли оғриқ қўзғалиб, гапини давом эттиролмай қолди. Букчайиб, ўхчиди. Насиба чаққон туриб, эрини елкаларини ушлаб, диванга ётқизди-да, хапдори берди.
— Насиб, бу ғалвалар ўткинчи. Биз ҳам одамларга ўхшаб яшайлик-да.

Насиба эрига қараб бош чайқади.
— Шу пайтгача одамга ўхшаб яшаятувдик...

3

Жамшид бу хонадонга неча марта келган бўлса, ҳар сафар эшик очиқ бўлади. Шу сабабли жинғироқни чалиб ўтирмай, тўғри ҳовлига кириб бораверарди. Бу гал ҳам шундай қилди. Ҳовлини босиб ўтиб, уйга яқинлашди-да, «Ҳофиз ака!» деб чақирди.

Элчин уйида йўқ эди. Видеода ҳиндча тамоша кўриб ўтирган Зайнаб юраги сиқилиб ўрнидан турган, бу онда дераза ёнида эди. Тамошада икки ошиқнинг қовушганини кўриб, Жамшидни эслаган, уни кўргиси келган эди. Яратган унинг оҳини эшитиб, Жамшидни бу хонадонга келтириб қўйсами? Яна қўнғироқ жирингламасдан дарвозанинг ёнидаги эшик очилди. У ўз уйига киргандай кириб келди. Зайнабнинг юраги эса потирлаб, жони ҳалқумига келиб қолди. Эт билан тери орасида мудраётган шайтон уйғониб, жувоннинг баданини ажиб бир ҳароратда исита кетди.

Жамшид уйга яқинлашиб, тўхтади. Нимадир деди. Зайнаб эшитмади. Жамшид иккинчи марта «ҳофиз ака, ҳў, ҳофиз ака!» деганда унинг овози аранг қулоғига етиб келди.
— Ҳозир, — деди Зайнаб, аммо ўз овозини ўзи ҳам эшитмади.

Жамшид учинчи марта чақирди. Шунда Зайнаб дераза ёнидан қочиб, эшик томон юрди. Назарида оёқлари оғир, аранг юраётгандай эди. Аслида эса эшиккача учиб борди. Эшикни очди-ю, остонада тўхтади. Ҳовли томон оёқ босишга журъати етмади. Чунки бу маҳалда ҳаё ҳам уйғониб, шайтон билан ихтилофни бошлаган, шайтон бераётган ҳароратни ўчирмоққа киришган эди. Яхшики Жамшид ҳам тўхтаб турарди. Агар у уй томон қадам қўйса, Зайнаб эшикни очиқ қолдирган ҳолда чекинар, унинг чекиниши баробарида шайтон ғолиблик майини сипқора бошлар эди.
— Хўжайин йўқмилар? — деди Жамшид, дабдурустдан. У кўз олдида улғайиб вояга етган қизчанинг жувонлик оламида бу қадар латофат касб этишини кутмаган эдими, ҳар ҳолда остонада парирухсорни кўриб андак довдиради. Ҳол-аҳвол сўрашни унутди. Жувоннинг чиройи ақлини шоширган бўлса-да, кўнглига ёмон фикр ораламади.
— У киши ўртоқлари билан кетувдилар, — деди Зайнаб.
— Бек акам сўраятувдилар. Қаёқда бўлишлари мумкин? Ўртоқларини танийсанми?
— Куёвжўра бўлган йигит-чи? Анвармиди отлари... Шу маҳаллада туришади. Чойхонанинг атрофида дегандай бўлувдилар...
— Бўпти, ўзим топаман. Кеп қоса, адангни топсин. Иш зарил!

Жамшид шундай деб изига қайтди.

Зайнаб кўнглида киринг, чой ичинг, демоқчи бўлди-ю, тилига чиқмади. Жамшид яна бир нафас турса айтарди. Лекин у тўпори жувондан лутф кутмади. Кўча эшиги ёпилгач, Зайнабнинг хўрлиги келди. «Йигит дегани ҳам шунчалик эътиборсиз бўладими?..»

У хонага қайтиб, яна дераза олдига келди. Яна кўча эшигига тикилди. Хаёлан жингалаксочли йигитни чақира бошлади. Хаёлидаги йигит изига қайтди. Эшик очилди. У жилмайиб кириб келди. Бу сафар «Ҳофиз ака!» деб бақирмай, «Зайнабхон!» деб шивирлаб келди. Зинадан кўтарилди. Уйга кирди. Дераза олдига яқинлашди. Унинг яқинлашаётганини билса ҳам, Зайнаб ҳеч нарсадан бехабардай ҳовлига тикилиб тураверди. У орқа томондан келди. Елкаларидан қучоқлади. Зайнаб энтикди. Унинг илиқ нафаси бўйнига урилди. Баданини ловуллатиб юборди. Елкадаги бақувват қўллар бошқа вазифа билан қўлтиқ остига юборилдилар... Шунда у ўгирилди... кўзи юмуқ ҳолда бўлса ҳам лабларини осонлик билан топди. Кейин у кўтариб олди. Ётоқ сари юрди. Юмшоқ тўшак уларни бағрига олди...

Зайнаб энтикиб, кўзларини очди. Хаёлидаги йигит учиб кетгандай бўлди. Ҳовли кимсасиз, кўча эшик ёпиқ эди. Хонада эса сулуви атрофида айланиб-ўргилиб эшилаётган ҳинд йигитнинг қўшиғи ҳукмрон. У дераза ёнида турган ҳолда ўгирилиб, телевизорга тикилди. Шунақа бахтиёр одамлар бормикин ё ҳамма менга ўхшаган бедавомикин, деб ўйлади.

Бу хонадонда бир аёлни бахтиёр этиш учун ҳамма нарса муҳайё эди. Ношукурлик қилмаса ҳам бўлади. Уй, емоқ-ичмоқдан зориқадиган томони йўқ. Эри биров кўрса ҳавас қилгули эркак. Лекин ширин орзулар қанотида сузиб улғайган қиз учун шунинг ўзи етарлими? Хўш, Жамшидга текканида бахтли бўлармиди, орзусига етармиди?

Никоҳнинг иккинчи туни Зайнаб Элчиннинг гапларини эшита туриб «Сиз қотилсиз!» деди. Зайнаб бу билан Ноиланинг ўлимини эслатмоқчи эмасди. Элчин унинг ширин орзуларини бўғиб ўлдирган эди. Бу қотиллик учун қамаш ҳам, отиб ташлаш ҳам мумкин эмас. Бундай жазосиз қотиллар ер юзини пўпанакдек босиб ётибди. Элчин — Зайнабнинг назарида шулардан бири.

Никоҳнинг иккинчи туни — куёв-келин учун муқаддас бўлмиш тунда, Элчин Ноиланинг ўлимидан сўз очиб, хотинига пичоқ урмаганини айтди. Зайнаб бу гапларга эътибор бермади. Чунки онаси тўйдан олдин уни юпатиш мақсадида «сен ундан қўрқма, хотинини у ўлдирмаган экан, туҳмат билан қамалган экан, даданг айтдилар», деган эди. Зайнаб бу гап фақат овутиш учун айтилдими ё чиндан ҳам шундайми, билолмайди. Элчиннинг ўзини ўзи оқлаши унга эриш туюлди. Унинг назарида бу эркак паст кетгандай бўлди.
— Менинг нима айбим бор эди, мени нима учун хўрладингиз? — деди Зайнаб, эзилиб ўтирган эрига қараб.
— Сизнинг айбингиз йўқ... Аммо Ноилани адангиз ўлдиртирган. Номус азобини тотиб кўриши лозим эди.
— Ўч олдингизми?
— Ҳа, ўч олдим.
— Энди-чи?
— Нима энди?
— Кўнглингиз жойига тушдими?

Элчин жавоб бермади. Хотинига маънодор қараб қўйди. Унинг рўпарасида мўъмина Манзуранинг қизи эмас, қаҳрли Асадбекнинг қизи ўтирарди. Зайнаб одоб жиҳатидан онасига тортган бўлса-да, баъзан юрагида ғалаён уйғониб, отасига ўхшаб қоларди. Ҳозир паст кетиб ўтирган эрига қараб, «Мен ҳам сиздан ўч олсам-чи?» демоқчи бўлди-ю, тилини тийди. Аммо хаёлида уйғонган шу ўй унга ҳақиқатдай туюла бошлади. Зайнаб унга «Сиздан қасос оламан» демади. Саволига жавоб берилмагач, бироз сукут сақлади-да:
— Сиз қотилсиз! — деди қатъий. Бу — қасос баҳридан сув ичгучи ҳукм эди. Элчин буни англамади. Рўпарасидаги гўзал мавжудот қасос олишга ҳақли, ўч олмоққа қурби етади, деган тушунчадан у узоқ эди.

Элчин «ўзимнинг айбсизлигимни билдириб қўяй, бу уйда сиқилмасин, қўрқмасин, эркинроқ юрсин», деб янглишган эди. Нохуш кайфиятдаги аёл олдида ярим қарич бўлса-да чекиниш оқибати мағлубият жарига қулаш эканига унинг ақли етмади. У хушсурат бўлгани учун расидалик чегарасидан ўтмаёқ қизларнинг хумор кўзлари таъқибига учраган эди. Қўшиқлари билан довруқ таратгач, жаннатда парилар билан юргандек ҳис қилди ўзини. Ана шунданми «аёл қалбини сеҳрлай олувчи куч бор менда», деб ишонарди. Асадбекнинг қизини ҳам сеҳрлаб олажагига амин эди. Оллоҳнинг ҳар бир бандаси каби Элчин ҳам мағрурлик ва худбинликдан бебаҳра эмасди. Мағрурлик ва худбинлик баравар уйғониб, бирлашса уни маҳв этарди, тўғри йўлдан адаштирарди. Никоҳнинг иккинчи туни шундай бўлди...

Ўшандан бери Зайнаб бу хушсурат машҳур ашулачи билан бир тўшакда ётади. Ўғирланиб, қоронғи уйга қамалганида қўрқувни ҳайдаб чиқара олган, нафасини қайтарган, баданига илиқ ҳарорат берган ғалати ҳис йўқ. Элчиннинг эркалашлари, эҳтирослари унга таъсир этмайди. Ўзини худди эртаклардаги тош маликадай совуқ ҳис этади.

Кинодаги қизнинг қичқириғи Зайнабнинг хаёлларини тўзитди. Беихтиёр ўгирилиб, тамошага қаради. Ҳозиргина жуфти билан яйраб ашула айтаётган қиз, кўзлари косасидан чиққудай аҳволда, даҳшатга тушиб ўтирибди. Рўпарасида... икки лунжини шишириб олган илон тебраняпти... «Ҳозир йигити келиб таёқ билан уради», деб ўйлади Зайнаб. Чиндан ҳам йигит келди, аммо қўлида таёқ эмас, милтиқ бор эди. Бир ўқ билан илон жон берди... улар яна қовушдилар...

Зайнаб хаёлан ўзини шу қиз ўрнида, эрини эса тебранаётган илон ўрнига қўйди. Бу илонга ким бас кела олади? Жамшидми?

4

— Ҳозир боролмайман, деди. Ошнаси унга бир нарсаларни ўқиб беряпти шекилли?

Жамшид шундай деб, айбдор бола сингари бошини эгди. У хўжайин буйруғини адо этолмади. Отарчини топди-ю, олиб келолмади. Тўйдан олдин бўлганида қўл-оёғини боғласа-да, буйруқни бажарарди. Энди унинг «куёв» деган унвони бор. Куёвни пайғамбарлар сийлаганида Асадбекнинг югурдаги сийламас эканми?..

Асадбек жағига мушт еб, гангигандай бўлди. Нима бу — нозми, тўнкаликми ё атайин ғашига тегмоқчими?..
— Ошнаси ким? — деди Асадбек, гангиганини яширишга уриниб.
— Жиннихонада ётган олим экан.
— Қанақа олим?
— Тарихчи экан. Ўн йилдан бери кичик илмий ходимликдан бир энлик ҳам силжимабди. Бетгачопарроқ экан. Хўжайинини беҳурмат қиларкан.
— Хўжайинни беҳурмат қилса... тузук-ку? Ким экан хўжайини?
— Катта олиммиш, Холидий деган. Жиннихонага ўшанинг буйруғи билан ётқизилган экан.
— Жиннилиги ростми?
— Соппа-соғ дейишди-ку?
— Қани, опачанг билан ула-чи мени.

Жамшид телефон гўшагини кўтариб, рақамларни чаққонлик билан терди. Табиббоши хонасида йўқ экан, уни топиб келгунларича пича фурсат ўтди.
— Холидий деган одам сизга буйруқ берадиган бўлиб қолибдими? — деди Асадбек табиббошининг саломига алик олмай. — Кимнинг қудаси? Шундан қўрқдингми? Биз-чи, биз гўрда эканмизми? Ким у йигит, Анварми, соғмиди? Ҳаддингиздан ошманг. Яна соғлар борми? Холидий-полидийларни-чи... — Асадбек гапни калта қилиб қўя қолди.

Асадбек телефон гўшагини жойига қўймай, ушлаганича ўйга толди. «Куёвнинг дўсти иш бермасмикин», деб саволига жавоб излади. Сўнг бир қарорга келиб, Жамшидга қаради:
— Холидий тузукроқ олиммикин ўзи?
— Билмадим.
— Ким билади? Депутатни топ.

Жамшид ўрнидан турган эди Асадбек қайтариб, телефон гўшагини унга узатди:
— Телефонда топ. Ҳозир керак.

Депутатни топиш осон бўлмади. Топилгач, Асадбек салом-аликсиз саволга тутди:
— Холидийни танийсизми, қанақа олим у?
— Холидийми, — депутат пичинг қилди: — Олим эканми?
— Қанақа олим деяпман?
— Олим эмас у, лўттибоз.
— Қанақа ишлар қилган?
— Ўзбекни босмачига чиқарган шу-да. Ишларини яхши билмайман. Ўтган йили мукофот олган битта китобини кўрганман. «Туркистонда буюк Ўктабр ғалабаси», деганмиди... хуллас, номи шунга ўхшаш. Икки бет ўқиб кўнглим айниб кетган.
— Шогирдлари ким? Душмани ким?
— Душмани мен.
— Китобини ўқимай туриб душманман, дейсизми?
— Унинг китобини ўқиш шартмас.
— Шогирдлари-чи?
— Институтнинг ҳаммаси шогирди.
— Институтда уни ёмон кўрадиганлар йўқми?
— Ким билади, балки бордир. Бўлсаям майдароқ одамлар орасидан чиқади. Йирикларини танийман, унга пахта қўйиб юради ҳаммаси.

Асадбек учун бошқа гапнинг ҳожати йўқ эди. Раҳмат ҳам демай, гўшакни жойига қўйди-да, бир қарорга келиб, ўрнидан турди.

Жамшид «қаёққа?» ҳам демай, унга эргашди. Асадбекнинг хоҳишига кўра Анварнинг уйига қараб жўнашди. Шом қоронғиси чўка бошлаган эди. Эски шаҳарнинг тор кўчалари эриётган қордан балчиқ ҳолига келганидан юриш қийинлашган эди. Жамшид машинани авайлаб ҳайдаб бир дарвоза ёнида тўхтади.
— Қара-чи, ҳали ҳам шу ердамикин? — деди Асадбек.
— Шу ерда бўлса судраб чиқаверайми? — деди Жамшид.
— Мен сенга «қараб кўр», дедим!

Жамшид ортиқча гап айтиб юборганидан изза чекиб, машинадан тез тушди. Одати бўйича қўнғироқ чалмай очиқ дарвозадан ичкари кирди-да, ҳаялламай тез қайтди.
— Уйда ўтиришибди, Анварнинг хотини ошхонада. Пастда онасининг уйи бор. Бошқа ҳеч ким йўқ.
— Сен шу ерда ўтир.

Асадбек шундай деб машинадан тушди. У ҳам ҳовлига ҳеч бир огоҳлантиришсиз кириб борди-да, чироғи ёниб турган уй томон юрди. Ичкари кириб, меҳмонхона эшигини қия очди. Ўртадаги устол устига дастурхон ёзилмаган, китоб-қоғозлар бетартиб сочилиб ётибди. Икки ошна устол атрофида эмас, пастда ўтиришибди. Элчин эшикка орқа қилиб, чордана қуриб олган. Юзини дераза тарафга қаратган Анвар эса мук тушиб бир нарсаларни ўқияпти. Асадбек умри бино бўлиб битта китобни ўқиб чиқмаган. Уни аслида китобга рағбати йўқ, «ишқи йўқ эшшак, дарди йўқ кесак», тоифасидан десак, ҳақиқат юзига оёқ босган бўламиз. Асадбекнинг болалиги ўзингизга қисман бўлса-да маълум. Ёши улғайгач, у юрган кўчаларда китоб ўқилмас эди. Шундай бўлса-да, Асадбек китоб ўқиётганларни кўрса ҳаваси келарди. Юрагида ўқишга иштиёқ уйғонарди. Шунданми, қизининг бетўхтов мутолаасига сира монелик қилмаган. Аксинча, уйни китобга тўлдириб ташлаган. Аниқроғи, бу ишни унча-мунча ўқиб тургучи Чувринди амалга оширган.

Асадбек гап пойлаш учун эмас, йигитларнинг мутолаасини бир зумгина бўлсин, кузатиш учун остона ҳатламади.

Анвар китобни қўйиб, қоғозларни титкилади-да, бир варақни олиб Элчинга қаради:
— Мана бу ерда яхши бир ҳикмат бор: «Хари Исо ба суйи Каъба равад, боз ояд ҳамон хар бошад». Мазмунини тушунмадингми? Исонинг эшаги минг марта Каъбага боргани билан эшаклигича қолаверади.

Элчин кулди.
— Зўр гап, лекин ашулага тушмайди. Ашула бўладиганини топ.
— Ашулага мана буниси бўлар, — Анвар бошқа қоғоз олиб ўқиди:

Ман мўйи хершо на аз он мекунам сиёҳ,

То боз нав жавон шаваму нав кунам гуноҳ.

Чун жомаҳо ба вақти мусибат сиёх кунанд,

Ман мўй аз мусибати пирий кунам сиёҳ...
— Бунинг маъноси зўр, — Анвар қоғоздан бош кўтариб, Элчинга қаради. — Сочимни бўяб қорайтиришдан мақсад қайтадан ёшариб гуноҳ қилиш эмас. Қора тўн мотам рамзи бўлгани сингари, сочимни қорайтиришдан мақсад — ўтиб кетган ёшлигимга мотам тутишдир... Икки байтни айтиб, кейин Замоналига ўхшаб, торингни қўлтиқлаб олиб, мазмунини тушунтирсанг, одамлар қойил қолаверади.
— Бўпти, шу руҳимга мос тушар экан. Консертнинг номини ҳам «Ёшликка тутилган мотам» десам, а?
— Шунақа десанг консертингга биров тушмайди. Консертга одам ақл ўрганаман, деб келмайди. Сен консертингни Турди Фароғийнинг ғазали билан очгин, одамларга ҳозир шунақа гаплар таъсир қилади. Мана эшит:

Тор кўнгуллик беклар, ман-ман деманг,
кенглик қилинг,
Тўқсон икки бовли ўзбек юртидур,
тенглик қилинг...

Асадбек айвонда шарпа сезиб, ўгирилди. Қўлида патнис ушлаган аёлни кўриб, ярим очиқ эшикни аста тақиллатди. Иккала ошна эшик томон баравар қарашди-ю, кутилмаган ташрифдан ажабланиб, бир зум ҳаракатсиз қолишди. Ҳайрат тўрини биринчи бўлиб Анвар узиб чиқди. Чаққон ўрнидан туриб, чақирилмаган меҳмонга пешвоз чиқиб, салом берди. Элчин ҳам ўрнидан туриб, қайнотасига норози қиёфада боқди.
— Ўқишга берилиб, чақирганимни эшитмадинглар, — деди Асадбек остона ҳатлаб, ичкари кириб. Айвондан ўтиб, даҳлиз эшигини очган Хонзода меҳмонхонага кираётган кишини кўриб, тўхтади.

Асадбек палтосини ечиб, стул суянчиғига ташлагунча, Анвар стол устини йиғиштиришга киришди. Бу орада Хонзода ҳам кириб, дастурхон ёзди.
— Келин, сиз ҳеч нарсага овора бўлманг. Мен ҳозир тураман, — деди Асадбек.
— Ҳар куни келиб юрибсизми, ака, — деди Анвар, хотинига ёрдамлаша туриб.

Анвар Асадбекни бугун иккинчи марта кўриши. Дастлаб тўйида кўрган, «одамлар айтгандай даҳшатли эмасга ўхшайди-ку», деб кўнглидан ўтказган эди. Бугун унинг кириб келиши уни бироз шоширди. Асадбек дастурхонга ҳеч нарса қўйдиртирмади.
— Ҳозир ўқиган шеърингизни эшитдим. Кучли ёзилган экан. «Тенглик қилинг, кенглик қилинг», деб. Худди бизга атаб ёзибди. Бир-биримизни бўридай ғажиб юрибмиз-да ҳозир, — деди Асадбек. Очиқ кўнгилда айтилган бу гапни Элчин ўзи томон отилган тошдай билиб, ғижинди. Қайнотасининг рўпарасига ўтириб, хўмрайди.
— Бўридай десангиз, бўрилар хафа бўлармикин, — деди Анвар, дўстидаги ўзгаришни сезмай, — бўрилар аҳил яшашаркан.
— Бу гапингиз ҳам тўғри, — деб кулимсиради Асадбек. — Энди сиз тилчисиз, гапга тўн кийдирворасиз.
— Мен тарихчиман.
— Ҳа, энди тарихчилар ҳам гапга уста бўлишади. Сизнинг... Холидий деган домлангиз бор, а? У муттаҳам ҳали ҳам бутун ўзбекни босмачи деб юрибдими?

Элчин Анварга, Анвар Асадбекка ажабланиб қарашди. Асадбекнинг Анварга ёқиб қолиши учун шу гап ўзи кифоя қилди. Асадбек йўл-йўлакай ўйлаб, мўлжални аниқ нишонга олган эди. Бу гапдан кейин Элчин ҳам бироз юмшади. Асадбек бу гапни тарихчилар ишини муттасил кузатиб юрадиган зиёли одам сифатида айтгани учун ҳам ишонарли чиқди. Унинг депутат билан сўзлашгани, унинг айтганларидан керакли хулоса чиқариб олганини бу икки ошна билмас эди.

Анвар «халқ отаси»нинг мунофиқлигидан гап очилса, ўзини тутиб тура олмас эди. Эл орасида ёмон ишлар билан қўрқув солиб юрган одамки, бу ҳақда сўз очдими, демак, Холидий мунофиқгина эмас, муртад ҳамдир, деган тушунча унинг гап халтасини очиб юборди. Анварнинг ҳозирги аҳволини кўрган одам уни ўз уйида эмас, илмий кенгашда маъруза қиляпти, деб ўйлар эди.
— Мана, Қўқон мухториятини олинг. Ленин ўз ҳуқуқларинг ўзларингда дедими, деди. Пўлша ўзига мустақил бўлдими, бўлди. Эстония, Латвия, Литва, Финляндия ажралиб кетдими, кетди. Булар ҳам худди биз каби Русия империясининг мустамлакалари эди-ку? Улар мустақил бўлиб кетишди. Биз бор-йўғи мухторият талаб қилган эдик. Қаранг-а, мухториятга ҳам кўнишмади. Ленин Московда туриб олиб, «Мазлум шарққа озодлик бердик», дейди. У ёқда мазлум халқнинг қони дарё бўлиб оқади. Қўқон мухториятини ким қонга ботирди? Ўрисларми, болшевикларми? Йў-ўқ, бу ишни турк қонига ташна дашноқларга қўйиб беришди. Мен буни тарихий далил асосида исботласам, у падарлаънат «Сизнинг хулосангиз миллий низо келтириб чиқаради», дейди. Бир одамнинг ўт пуфагида тош бор. Шуни олиб ташлаш учун қорнини ёришди. Шунда жарроҳ «ўт пуфакка тиғ тегса жигар хафа бўлади, яхшиси кўр ичакни олиб ташлайлик», деб турса, касал бечора дардини кимга айтади?!

Хонзода чойнак-пиёла кўтариб киргач, Анвар оташин нутқини тўхтатди. Асадбек Анвардаги туйғудан узоқроқ бўлса ҳам, гапларини эшитиб, унга нисбатан меҳри уйғонди.
— Сиз билан бир гаплашадиган экан. Қойилман,— деди Асадбек, Анвар узатган пиёлани олиб. — Мен ўртоғингизга бир гап айтай, деб кирган эдим. Сиз ҳам эшитинг, маслаҳат беринг. Элчинбой, сизни кечами ё бугунми ҳеч ким тўйга айтмадими?
— Йўқ, — деди Элчин тўнг оҳангда.
— Агар айтса, кўнманг. Умуман, яқин орада тўйларга бормай туринг.
— Нимага?
— Ҳа, энди... чиллалик одамсиз.
— Аниқроқ гапираверинг.
— Аниқроғи шуки... Сиз санъатдаги обрўйингизни тиклаб олишингиз керакмикин? Тўйда... ҳар хил одамлар бўлади. Сизларнинг ораларингизда ҳам ҳасадгўйлар бор. Битта яхши ашула чиқарсангиз халқ эшитиб хурсанд бўлади, ҳасадгўйларингиз эса куйиб кетади. Яна ҳам аниқроқ айтсам, гап шуки, энди сизнинг обрўйингиз менинг ҳам обрўйим. Сизни... ўғлим деганман. Анвар-жон, сиз гувоҳсиз, ўртоғингиз куёвим эмас, ўғлим. Чет элдаги ўғилларим келишса, ака-ука бўлиб кетасизлар, Худо хоҳласа. Мен бир нарсанинг исини сезмасам, гапирмайман, тўйларга бормай туринг.

Асадбек гапни маслаҳат оҳангида бошлаб, буйруқ тарзида якунлади.

II- qism