OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

5 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифТоҳир Малик
Асар номиШайтанат (I- китоб, III- қисм)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Криминал беллетристика
Муаллифлар
   - Тоҳир Малик
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Китоблар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм376KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/12/01
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Шайтанат (I- китоб, III- қисм)
Тоҳир Малик

XVII боб

1

Хасталик варақасида белгиланган муддат ниҳоясига етган бўлса-да, Анвар ишга чиқишга шошилмади. Тоғасининг чордоғидан олиб келган китоблару қоғозларни ўқиб чиққанидан кейин ҳам бир кун уйда хаёл суриб ётди. Зуннунийнинг қўлёзмасидан бобосининг нима учун фойдалана олмагани маълум эди. Ҳақиқатни айтишга бобосида журъат етишмаган. Етишган тақдирда ҳам унга ким йўл қўяр эди? Закийлар жисмини тишлаб олурга тишлари бурро, аммо илмга тишлари ўтмайдурганлар замони туққан чоқда ҳақиқатни дегувчилар оҳини ким эшитарди? Зуннуний қўлёзмасини бобоси ёқиб юбормай асраб қўйибди — шунинг ўзи катта гап. Бу қоғозлар, китобларни тоғаси жонни гаровга қўйиш ҳисобига сақлаган. Унинг ўлимидан кейин эса кераксиз матоҳ сифатида улоқтирилган. Яхши ҳамки, чордоқнинг бир чеккасида уларга жой топилибди. Ўттизинчи йилларнинг оловларидан олиб қолинган китоблар, фарзандларнинг оқибатсизлиги туфайли ёқилди, ахлатхоналарга ташланди. Анвар шуни ўйласа худди биров тирноқларини омбурда суғураётгандай азоб чекарди. Хаёлига ёмон фикр келганида ёки нохуш воқеага учраганида аҳли муслим калима келтиргани каби, Анвар бу пайтда шоирдан ёд олган сатрни такрорлайди: «қачон халқ бўласан, сен эй, оломон...»

У ўша оломоннинг бир қисми билан ҳар куни ош-қатиқ бўлишга мажбур. Вазифалари оломон кўзини очмоқдан иборат бўлган, ўзларини «олим» деб атовчи одамларни кўргиси келмаса ҳам ишга боришга мажбур. Хотини «Қўйинг, ўша ишингизни, бўшанг», дейди. Бўшаб кетишдан осон иш йўқ. Оч қолмайди, мардикорлик қилса ўн баробар кўп пул топади. Лекин кимдир ҳақиқатни очиш учун жонини бериши керак-ку?

Ҳамкасбларининг айримлари унинг «тузалиб чиққанидан» астойдил қувонишди. Айримлари шунчаки кўнгил учун ҳол-аҳвол сўраб қўйишди.

Хонасига кириб ўзининг ўрнида чиройли жувонни кўрдию феъли айниди. «Яна бир амалдорнинг келини ишга олинибди-да», деб ўйлади. Институтнинг ярмидан кўпи келишган аёллардан иборат — бири кимнингдир қизи, кимнингдир келини, синглиси... Анвар Холидийнинг усталигига баъзан тан беради. Бу аёлларни ишга олиш билан Холидий юқори томондагиларга яхши кўринади, энг муҳим — тарих илмига бегона бўлган бу жононлар «устоз Холидий» сутни қора десалар ҳам маъқуллаб чапак чалиб ўтираверадилар. Оппоқ бўйинчаларига Холидийнинг нафаси текканда кўзлари хумор сузилиб қоладиганлари эса тез орада фан номзоди унвонига эришадилар. Анвар ўрнида ўтирган жувонни ҳам шундайлардан деб ўйлаб, ғижинди. Аммо, ҳамхоналари билан сўрашиб бўлгач, жувон ўрнидан туриб хижолатлик билан салом берди-да, «Мен сизни кутиб турувдим», деди. «Мен ҳам чиройли жувонлар кутишга арзирли одам бўлиб қолдимми?» деб ўйлади Анвар.
— Бир ҳафтадан бери кутадилар, — деб изоҳ беришди ҳамкасблари.
— Бу йил ўқишни битирятувдим, — деди жувон. Унинг ийманиб гапиришидан дорилфунунни битириш ҳам айб иш экан, шекилли, деб ўйлаш мумкин эди. Анвар уни хижолатликдан қутқазиш учун гапни бўлди:
— Қайси факултетни?
— Тарихни... Диплом иши олувдим. Суннат Жўраевич энг олдин сизга учрашишимни айтдилар. Шунга...

Суннат Жўраевич деганлари Анварнинг курсдоши. Толиблик даврларида тарих илмининг авра-астарини ағдариб ташлаш ишқида бирга ёнишган. Суннат факултетда ишга қолиб тез сўнди. Шу сабаблими, улар анча узоқлашиб кетган эдилар. Нечукки энди йўқлаб қолибди?
— Қайси мавзуни олдингиз?
— Дукчи эшон қўзғолонини.
— Зўр мавзуни танлабсиз-ку? Лекин мен... нима ёрдам беришим мумкин? Сиз... Холидий деган буюк олимни эшитганмисиз? Бу даврни сув қилиб ичиб юборган одам ўша. Масковдаги ўрис олимлар бу қўзғолон «прогрессив аҳамиятга эга», дейишганида мақтаб китоб ёзганлар, тақсиримиз. Кейин партия бу қўзғолон диний йўналишдаги қора иш деб баҳо бергач, яна бошқа китоб ёзганлар. Сиз хоҳлаган китобингиздан фойдаланишингиз мумкин. Суннат... Жўраевич нима деяпти? Бу қўзғолонни прогрессив деб тушунтиряптими ё аксинчами?

Анварнинг феълидан бехабар жувон нима дейишини билмай довдираб қолди. Яхшики домласи «Анваржон озгина қўполроқ, эътибор берманг», деб огоҳлантирган эди. Бўлмаса чиқиб кетишга ҳам тайёр эди.
— Сиз Суннат Жўраевичингиздан сўраб келинг, шунга қараб гаплашамиз.

Жувон бу одам билан суҳбатлашишнинг ҳожати йўқлигини билиб, эшик томон юрди. Анварнинг ёнидан ўтаётиб бир зум тўхтади:
— Кечирасиз, домла, тарихга икки хил кўз билан қараб бўлмайди, — деди. Жуда ширин, аммо кескин тарзда айтди-да, тез-тез юриб чиқиб кетди.

Анвар шундагина унга бу гапларни бекор айтганини фаҳмлаб, изза чекди.
— Анваржон, ёрдам бера қолсангиз бўларди. Бечора бир ҳафта кутди, — деди рўпарада ўтирган аёл, унга ялингандай қараб. Шу гап мадад бериб, Анвар шарт бурилди-да, жувоннинг орқасидан югурди.
— Синглим, тўхтанг, — деди Анвар, унга етиб олгач. — Хафа бўлманг. Ўзим шунақа тўнгроқ бўлиб туғилганман. Шошилмаётган бўлсангиз, гаплашиб олайлик. — Анвар уни даҳлизга қўйилган юмшоқ курсиларга бошлаб, сўнг ўтиришгач сўради: — Нималарни ўқидингиз?
— Сиз айтган иккала китобни. Кейин Ғафуров деган олимнинг китобини.
— Хўш?
— Бир-бирига қарши фикрлар. Ғафуров 1949 йилда бу қўзғолонни ижобий баҳолаганда «тожик халқининг чоризмга қарши қўзғолони», дейди. 1953 йилда эса «фавқулодда реактсион ҳаракат», деб баҳолаб «ўзбек халқининг ҳаракати» дейди.
— Ана шунақа-да! Масковда қанақа куй чалишса, булар ўшанга қараб ўйнайверишади. Тарих буларга ўйинчоқ! Сиз ўзингиз қандай фикрдасиз?
— Мен ҳали ўрганиб чиқишим керак.
— Прогрессив десангиз, булар қўймайди. Холидий диплом ишингизни ўқимаса ҳам, ис олиб юрадиган шогирдлари бор, реактсион десангиз...
— Мен ҳақиқатни дейман.

Кескин тарзда айтилган бу гап Анварни ҳайратга солди. «Бу дунёда ҳақиқатни айтишни истайдиган одам қолмаган», деб юрганида чиройлигина жувон шундай деб турса-я!
— Кечирасиз, синглим, хўжайин қаерда ишлайдилар?
— Мактабда.
— Ота-оналари-чи?
— Улар ҳам мактабда. Нимага сўраяпсиз?

Анвар кулимсиради:
— Тўғрисини айтсам, сиз ҳақиқатни ёзсангиз-у, улар амалдор бўлсалар ишлари юришмай қолармикин, демоқчийдим.
— Бизнинг қўрқадиган жойимиз йўқ.
— Сиз шу ерда илмий иш қилишингиз керак экан.
— Йўқ. Мен ҳам мактабга бораман. Ҳақиқатни энг аввал болаларга айтиш керак.

Ярим соат олдин биров келиб «шундай аёл бор», деса Анвар ишонмасди. Ҳозир ҳам қулоқларига ишонмай ўтирибди. Чиройли жувонлар шунақа ерларда ишлашни орзу қилишарди. Келиб-кетиб юришса бас, жон куйдирилмайди, маош эса унаверади. Узоқ йиллар ишлагани учун «меҳнат фахрийси» деган нишонлар олади... Бу жувон эса...
— Дафтарингизни очинг, — деди Анвар, гапни бирдан бошқа томон буриб. — Ўқийдиган китобларингизнинг рўйхати: Остраумов, генерал-лейтенант Королков, генерал-лейтенант Терентев, княз Мансирев. Буларнинг гапларини архивдан топиб ўқийсиз. Салков, Наливкинларни кутубхонадан топасиз. Сиз қўзғолонни Мингтепадаги масжиднинг қулашига боғламанг. Қўзғолоннинг илдизини энг камида ўрусларнинг Тошкентни босиб олишларидан бош-ланг. Бу ўқ илдиз бўлади. Қўшимча илдизлар — Қурбон додҳо, Пўлатхон, Етимхон, Дарвешхон, Собирхон қўзғолонлари. Тошкентдаги «Вабо исёни», «Оқбўри»даги исён, Қўқон хонининг исёни... Буларсиз Мингтепа қўзғолони ҳақида тўғри хулосага келиш қийин. Шулар билан танишиб чиққанингиздан сўнг яна гаплашамиз.

Жувон Анварнинг гапларини тез-тез ёзиб олди-да, «бўлдими?» деган савол назари билан қаради.
— Зарур гап чиқиб қолса, уйимга келишингиз мумкин.
— Шу ерга кела қоламан. — Жувон шундай деб ўрнидан турди.

Анварга унинг бу қарори ҳам ёқди. Кўнгли равшан тортди.

Жувонни кузатгач, хонасига қайтмоқчи бўлиб бурилган чоғида даҳлизда келаётган Холидийга кўзи тушиб, тўхтади. Одатдагидай башанг кийинган Холидийнинг ёнида суйган шогирдларидан бири Ўлмас Акром келарди. Анвар ўзидан бир йил кейин келган бу дўмбоқ йигитни «гўсала» дер эди. Лақаб Ўлмасга жуда мос тушган, у тўйиб сут эмган бузоқдай беғам, биров сўкса ҳам, мақтаса ҳам бир ҳолда илжайиб тураверарди. Гўсала колхозлаштиришда матбуотнинг рўли деган мавзуда аввал номзодликни, икки йил ўтмай дўктурлик диссертатсиясини ёқлаб олди.

Анвар рўпарасидан келаётган устоз-шогирдни кўргиси йўқ эди. Улар билан сўрашмасликнинг бирдан-бир йўли — шарт бурилиб кетиш. Лекин Анвар бундай қилгиси келмади. Улар томон юрмади ҳам. Индамай тураверди. Холидий Ўлмаснинг елкасига қўлини ташлаб, Анварга яқинлашди.
— Ие, мулла Анваржон, бормисиз, соғ-саломатмисиз? — у шундай деб лабини тили билан ялагандай бўлди-да, Анварга қўлини узатди.

Анвар унинг башарасига қарамай қўл узатди. Чунки Холидий жилмайганида унинг башарасига қараган одам барака топмас эди. Худо Одам Атони ясаётганида ишни оёқдан бошлаганми ё бошданми, Анварга номаълум. Лекин, унинг назарида, Холидийнинг оёқ-қўли, бадани аввал ясалган, кейин нима ясаётгани эсдан чиқиб, елка устига одамнинг эмас, маймуннинг боши ўрнатилган.
— Анвар Сатторович, тузалиб кетдингизми? — деди Ўлмас ҳам унга қўл узатиб.
— Касал эдимми? — деди Анвар унга қаттиқ тикилиб. Ўлмас жавобга сўз тополмай, устозига қаради.
— Ўлмасжонни табрикладингизми? — деди Холидий яйраб жилмайиб. — Ҳозир академия тасдиғидан ўтиб келяптилар. Институтга директор бўлдилар. Мен ўттиз беш йил директорлик қилибман. Етар, а? Энди ишни сиз — ёшларга топширамиз. Илмий котибликка мен сизнинг номзодингизни кўрсатган эдим. Йўқлигингиз панд берди.
— Ким сайланди?
— Наима Султоновна.
— Эски ҳаммом, эски тос.
— Тушунмадим? — деди Холидий, юзидаги сохта жилмайишни асраган тарзда.
— Сиз ўттиз беш йил қандай ишлаган бўлсангиз буларингиз уч юз эллик йил шундай ишлашади.
— Яхши эмас, мулла Анваржон, булар тенгдошларингиз. Энди замон бошқа. Бир-бирингизни авайлаб ишланг. Мана, биз бир-биримизни аямовдик, нима бўлди? Мени йигирма беш йилга қамашди. Сталин ўлмаганда ўтирардим. Бахтимга тезроқ ўлди.

«Бировнинг ўлимидан булар бахт топишади, қизиқ», деб ўйлади Анвар.

Холидийга Худо берди. Ўзини мақташга баҳона топилди. Бундай пайтда у мажлисдами, даҳлиздами, ҳожатхонадами, фарқи йўқ — гапираверади. Анвар жиннихонада деразадан тушган нур билан қилган суҳбатини эслаб, шумлиги тутдию унинг сўзини шарт узди:
— Устоз, — деди мулойим оҳангда. — Ҳамма онасининг қорнида тўққиз ой ётса, сиз етти ойдаёқ туғилиб олган экансиз, шу тўғрими?

Устоз-шогирд бу гапдан ажабланиб, бир-бирига қараб олишди. «Бу ҳали яхши тузалмабди-да», деб ўйларди Ўлмас. «Бу бола қаёқдан билади буни?» деб ўйлади Холидий.
— Анвар Сатторович, уялиш керак, — деди Ўлмас, танбеҳ бериб.

Холидий бировнинг ҳимоясига муҳтож одам эмас эди. Сочини бармоқлари билан тараб қўйиб, ўткир аския эшитган одамдай мириқиб кулди-да, Анварнинг елкасига шапатилаб қўйди:
— Ғайрат зўр бўлган-да, ғайрат! — деди-да, Ўлмасни қўлтиғидан олиб, йўлида давом этди.

Анвар орқасига ўгирилиб, уларнинг изидан бир зум қараб тургач, хонаси томон юрди.
— Нимагадир мотам руҳини сезмаяпман, қора байроқлар осилмаган, — деди жойига ўтиргач.
— Президент ўлибдими? — деди рўпарасидаги аёл.
— Ундан ҳам баттар, — деди Анвар, «булар билмайдими?» деган маънода хонадагиларга бир-бир қараб. — Устоз кетибдилар-ку?!

Анвар учун янгилик бўлган бу хабар хонадагиларга маълум эди. Институтдаги ўзгариш уларнинг ўзаро муҳокамаларидан ҳам ўтгани учун Анварга жавоб беришмади. Фақатгина эшик олдидаги устолда ўтирувчи «енг кичкина илмий ходим» кулимсираб қўйди. Анвар бу вазифада узоқ йиллар ишлагани учун ўзини «енг улуғ кичик илмий ходим», Собир исмли бу ушоққина йигитни эса ҳазиллашиб «енг кичкина илмий ходим», дер эди.
— Устоз биз билан! — деди Собир, ҳазил оҳангида.
— Яъни?
— Яъниким, устоз шу бўлимга мудир бўлиб ўтганлар.
— Ҳали ишлар эканларми? Босмачига айланмаган яна битта-иккита ўзбек қолган эканми?
— Устознинг консепсиялари бошқа ҳозир. Босмачилар эмас, миллий озодлик ҳаракати!
— Йўғ-э?
— Газит ўқийсизми ўзи?
— Болалар, — деди Анварнинг рўпарасидаги хотин, — эркак одамга ғийбат ярашмайди.
— Собирбей, эшитдингизми? Гулнорахон опамизнинг насиҳатларига қулоқ тутмасангиз менга ўхшаб энг улуғ кичик илмий ходим бўлиб қоласиз. Мен бунга чидолмайман. Ўзимни шу деразадан ташлайман. Энг улуғ кичик ходим битта бўлиши керак, билиб қўйинг!
— Анваржон, қўйинг шунақа гапларингизни.
— Гулнора опа, ёмон гап айтмаяпман. Сизнинг гапингизни тасдиқлаяпман. Собирбей ёш, ўргатиб туриш керак.

Денгиз ичра чарх урувчи гирдобни
Қайдан билсин қирғоқдаги майсалар...
— Менинг битта қўшним имом. Ўша айтадики, бу дунёда ғийбат қилган одамнинг тилини Худо қиёматда ўн метр узун қилиб қўяркан. Бу тилни одамлар босиб-янчиб юраверар экан. Шу қиёмат тезроқ бўлсаю, шу тилларни бир кўрсам...

Рўпарадаги аёл шарт туриб чиқиб кетди. Анвар Холидийни сўкадиган бўлса, ҳақорат тошларини шу аёл ҳузурида отарди. Холидийнинг шу хонадаги мухтор элчиси ҳисобланмиш Гулнорахон бу тошларни териб, етмаганига ўзидан қўшиб, устозига етказарди. Анвар бу аёлдан, шу хизматлари учун хафа эмас, хурсанд бўларди.

Аёл чиқиб кетгач, хона жимиб қолди. Собир ҳам устол устидаги қоғозларига мук тушди. Анвар қўлига қалам олиб бир варақ қоғоз юзига турли шакллар чиза бошлади. Шакллардан бири «Г» ҳарфига ўхшарди. «Гулнора» деб ёзди. Кейин биринчи ҳарфни семизроқ қилиб бўяди. Сўнг «Г»ни ярим саҳифани эгаллайдиган даражада катта қилиб ёзди. «Г»нинг бурчагига кашакловчи чизиқ тортган эди, ҳарф дорга айланди. Анвар унга бир зум тикилиб тургач, ҳарфдорнинг учига сиртмоқ чизди. Шу ишидан завқ олиб ўтирганида Холидий йўқлаётганини маълум қилишди.

2

Холидий ўзининг қадрдон хонасида ўтирган эди. Янги бошлиқ кўринмасди.
— Келинг, мулла Анваржон! — деди Холидий, уни ўрнидан туриб қарши олиб, — ҳали йўл устида тузукроқ гаплаша олмадик. Аҳволлар дурустми энди. Диссертатсияни ёзиб бўлдингизми?

Анвар унинг муғамбирлик билан боқиб турган кўзига қараб «Во ажаб, — деб ўйлади, — мен илгари одам танасига маймун калласи уланган дердим. Маймуннинг калласи тулкининг танасига уланганини ўйлаб кўрмаган эканман. Ё маймуннинг калласи ичига тулкининг мияси жойлаштирилганмикин? Қани, бунинг навозиши нима билан тугар экан?»
— Диссертатсия қанақа аҳволда, деб сўраяпман?
— Диссертатсиями? — Анвар тушунмагандай елка қисди. — Ўша-ўша реактсион миллатчилик иси уфуриб ётибди.

Холидий бундан олти йил илгари Анварнинг тайёр диссертатсиясини ана шу тавқи лаънат билан йўққа чиқарган эди. Анвар ҳозир шуни эслатди. Лекин Холидий пичингни тушунмаганга олди.
— Уни ўзгартирганингиз йўқми? — деди меҳрибонлик билан.
— Ҳақиқат ўзгариб турадиган буқаламун эмас.
— Айни топиб гапирдингиз, баракалла! Менга сиздай чўрткесар, бир сўзли йигитлар ёқади. Мана энди сизнинг замонингиз келди. Сизга ҳавасмандман: ҳақ гапни ҳеч қўрқмай айта оласиз. Бизнинг бошимизга тушган савдолар итнинг бошига тушса, у ҳам инфаркт бўлиб ўлиб кетарди.
— Ҳа-а, «устоз», сиз итдан ҳам... бақувватсиз.

Бу гапни эшитиб, Холидийнинг юзи учди, аммо сир бой бермай қаҳ-қаҳ отиб кулди.
— Гапни ҳам эшворасиз-да, мулла Анваржон!
— Сиз бўлимимизга мудир бўлибсизми?
— Ҳа, бирга ишлаймиз. Мен бу амал ғалваларидан қутулдим. Бир йилда ўн иккита комиссия босибди-я! Энди илм билан чуқурроқ шуғулланиш имкони туғилди.
— Босмачиларни нима қиламиз?
— Қайси босмачиларни?
— Сиз менга икки масалада йўл бермаган эдингиз, эсингиздан чиқдими? Биринчиси — инқилобдан олдинги қўзғолонларни «мустамлака Туркистоннинг партизанлари» дейишимга қарши бўлдингиз. Иккинчиси — ўн еттинчи йилдан бошланган босмачилик ҳаракати эмас, балки ўн тўққизинчи асрнинг сўнгги чорагида бошланган миллий озодлик ҳаракатининг чўққиси деганимда, кимлар келиб мени сўроққа тутганини биларсиз?
— Замона шунақа эди.
— Замон ўзгардими?
— Ўзгарди.
— Шунга қараб сиз ҳам ўзгардингизми?
— Мулла Анваржон, замон ҳар қандай одамни ўзгартиради. Ҳатто сизни ҳам.
— Мен сиз айтган «ҳар қандай» тоифага кирмайман. Мени ўзгартириш учун бошимдан товонимгача тиккасига арралаб тушиш керак. Шунда ҳам жоним чиқади-ю, руҳим эса ўзгаришсиз қолаверади.

Холидийнинг юзидаги жилмайиш йўқолди.
— Катта кетманг, ука. Сиз сиғиниб юрган устозларингиз ҳам ертўлада бир қийноқдан ўтгач, қўллари қалтираб, ҳамма қоғозларга имзо чекиб беришган.
— Сиз ҳамми?
— Сиз иғвонинг инини кавлаяпсиз. Мен ҳақиқат деб йигирма беш йилга қамалганман.
— Сизга оғир ботадиган гап айтган бўлсам, узр. Гуноҳимни ювиш учун бир ҳикоя айтиб бераман. Жуда қизиқ, эшитмасангиз армонда қоларсиз. Ўзи ҳаётда юз берган воқеа экан, аммо мен уни эртак тарзида сўзлайман. Шундай қилиб, бўри баковул, тулки ясавул, чумчуқ чақимчи бўлмаган замонда бир бахтиёр ёш олим яшаган экан. У аввал устозларининг, сўнг тенгдошларининг оёғи остига чоҳ қазибди. Шаҳаншоҳ унинг беминнат хизматларини қадрлаб турибди. Ёш олим илмга эмас, шундай мунофиқликка иқтидорли экан. Гўдаклигида иблис ундаги инсон юрагини юлиб ташлаб, ўз қалбининг бир парчасини қўйган экан-да. Ёш олим кўпнинг ичида дадил туриб, «Шаҳаншоҳ ҳайвон!» дер экан. Суҳбатдоши «шунақамикин, а?» деса бас, бориб «Фалончи сизни ваҳший ҳайвон деди», деркан. Қарабсизки, ўша суҳбатдош зиндонга қандай тушиб қолганига ҳайрон. Бора-бора сотадиган одами қолмагач, ўз боши узра қора булутлар айланаётганини сезибди. Шаҳаншоҳ «ўз яқинларига хоинлик қилган одам менга садоқатда бўлармиди?» дебди. Шоҳ бир қарорга келгунча ёш олим энг сўнгги лақма дўстини аврабди. Яхшилаб кийинтириш баҳонасида Шаҳаншоҳнинг тикувчисиникига бошлаб борибди. Ундан аввал шоҳнинг шопирини қўлга олибди. Шоҳнинг мошинасида тикувхонага савлат тўкиб борибди. «Мен маликанинг укасиман», деб ўзини таништирибди. Хуллас, икки кун деганда улар устларига шоҳона либосларни илишибди. Тикувчи эса Маликадан раҳмат эшитиш мақсадида телефон қилиб, «укангизга либос ярашибдими?» дебди-ю, сир ошкор этилиб, ёш олим қамалибди. Қамоқда ҳам иқтидори иш бериб, иғвогарлигини давом эттираверибди. Бир йил деганда Шаҳаншоҳ ўлибди-ю, ёш олим ҳам сиёсий маҳбуслар қаторида озодликка чиқибди. У ҳам туҳмат жабрини тортганлар сафидан ўрин олибди...

Холидий қошларини чимирган ҳолда Анварнинг «ертагини» бўлмай эшитди. Анвар «устоз» бақириб берар, ҳеч бўлмаса ранги ўзгарар, деб ўйлаган эди. Гапини тугатиб, Холидийга қаради-ю, ҳайрон қолди: «Руҳлар менга ёлғон гапни айтган эдими?»
— Хўш, эртак тугадими? — деди Холидий. — Қиссадан ҳисса бўлиши керак?

«Чиндан ҳам қиссадан ҳисса бўлиши керак, — деб ўйлади Анвар. — Нима, ўша ёш олим сиз эдингиз, дейми? Яна тилимдан илинайми? Айтсам-чи, нимадан қўрқаман? Туҳмат, деса, суд архивини кўтариш мумкин-ку? Адашган бўлсам-чи? Аввал суд архивини ўрганишим керак эди».
— Қиссадан ҳисса шуки, гапингиз тўғри, «устоз». Замон ҳаммани ўз йўриғига солган. Лекин... нима учундир ҳеч ким гуноҳи учун тавба қилмаяпти. Ҳали ҳам унвонларига маст бўлиб юришибди.
— Унвон, мулла Анваржон, одамга меҳнати учун берилади.
— Бу унвон одамларни чалғитса-чи, жамиятга фойдасиз бўлса-чи?
— Бу энди баҳсли масалалар. Бу масалани вақт ҳал қилади.
— Вақтга айтамиз, остонада кутиб тура туради.
— Мулла Анваржон, бу гапларни қўйинг. Мен сизни диссертатсия масаласида чақиртирдим. Эртага менга олиб келиб беринг. Ҳимояни тезлатамиз.
— Диссертатсия йўқ, «устоз».
— Нега йўқ! Ёқиб юбордингизми?
— Ёқиб жинни бўлибманми, — деди Анвар кулиб, — уни чет элга сотиб юборганман, аллақачон.
— Нима? Чет элга? Кимга?
— Туркияга, дўктўр Нурийга бултур бериб юборганман. Бир нусхасини ўн кун олдин акам Англияга олиб кетдилар. Диссертатсияни ё Истамбул ё Оксфорд дорилфунунида ёқласам керак.

Холидий Анварнинг кўзидан бир маъно уқмоқчи бўлиб, қаттиқ тикилди. Анвар ўйинни охиригача муваффақиятли етказмоқ учун худди рост гапираётгандай қилт этмасдан ўтираверди. Холидий дўктўр Нурийни сохта советшунос, ватан хоини деб ёзавериб ийиғини чиқариб юборган эди. Анвар хориж олимини эслатиб, нишонни аниқ мўлжалга олганди.
— Бемаслаҳат шунақа ишлар қилиб юрибсизми, ҳали? — деди Холидий. Унинг илгариги қувноқлиги, сўнг жиддийлиги, кескинлиги ҳам қолмаган эди. Унинг машқи пасайиб, Инглистонда дўктўрлик диссертатсиясини ёқлаб келган олим қаршисида мулзам бўлиб ўтирган одам ҳолига тушган эди.
— Нима қилишим керак эди? — деди Анвар ғолиб одам товуши билан, — ҳеч кимга кераги йўқ, деб сотворибман-да.

Биргина мен қайрағоч
Этагида бенурман!
Кун нуридан маҳрумман,
На ғуломман, на ҳурман!...
— Ёшлик қилибсиз. Ҳали пушаймон емасангиз эди...
— Фазилатим, кам ила кўстим

Сизга аён, олмоқ керак тан...

Ўзим мерган бўлмагач, дўстим,

Кимларнингдир отган ўқиман...

Ҳар нечук Холидий темирдан эмас, барча бандалар каби «лойдан ясалган» экан. Кўкрагида уйғонган ғазаб уммони тўлқинларининг мавжини вужуди сиғдиролмай портлади.
— Йўқол! — деди тишларини ғижирлатиб. Тишлар ғазаб вулқонини тўсиб қолмоқ қасдида ғижирлар эди. Боя даҳлизда «етти ойлик бўлиб туғилмаганмисиз?» деган саволдан сўнг куч тўплай бошлаган вулқон қудрати тишлардан қудратлироқ эди. У ўрнидан шарт туриб бақирди: — Йўқол, газзанда! Мен сени одам деб жиннихонадан чиқариб олдимми ҳали!

Анвар масрур эди. У ўрнидан енгил турди. Гўё уни узоқ йиллар эзиб келган ғам харсанглари Холидийнинг бақириғидан сўнг елкасидан ағдарилгандай бўлди. У отган ўқ бехато тегди. Ғаними ярадор ҳолда оёқлари остида типирчиларди. Энди юракка найза санчиши керак. Бу найзани кейинги сўзлари билан Холидийнинг ўзи унинг қўлига тутқазди.
— Сиз сал янглишдингиз, «устоз». Сиз менга оталик қилиб, даволансин, деб жиннихонага юборган эдингиз. Мени у ердан Асадбек чиқариб олди, — деди жилмайиб. У оқ-қорани ажратиб олган олим эмас, ўртоғига мақтанаётган болакай каби жилмайди.
— Ким дединг?
— Асадбек! — Анвар бу исмни фахр билан тилга олди-да, чиқиб кетди.

«Бу боланинг мафияга нима алоқаси бор экан?» деб ўйлаб қолди Холидий.

XVIII боб

1

Бир гала фаррош лўли хотинларга якка ўзи бас келиб, уларнинг нозик нуқталаридан ушлаб — мағлуб этиб, идорадан чиқариб юборган бошлиқ эсингиздадир? Худди ўша бошлиқ Зоҳидга телефон қилди. Зоҳид хизматга барвақт келган эди. Телефоннинг жиринглашини даҳлизда эшитиб, эшигини шошиб очди-ю, тез-тез юриб бориб гўшакни кўтарди.
— Ўринбосаримни чақиртирдим, кеча оқшомда келдилар, — деди бошлиқ, саломлашгач. Зоҳид унинг овозида қандайдир ҳорғинлик сезди. «Кечаси билан ухламай мени қидирганми, нима бало?» деб ўйлади.
— Дам олишнинг ҳам белига тепибсиз-да, — деди Зоҳид, ясама лутф билан. Лутф ясама бўлса-да, бошлиқнинг ватанпарварлик туйғуларини жўштириб юборди:
— Ишларидан ишкал чиқиб турганда дам олишга бало борми? Мен, кўнглим сезган экан, бошидаёқ «узоққа кетманг», девдим. Бу қари бюрократларга қайта қуришнинг моҳиятини тушунтириб бўлмаяпти.
— Ўринбосарингиз билан қачон кўришишим мумкин?
— Ҳозир десангиз, ҳозир етиб борадилар.

Бошлиқнинг жонкуярлиги сабаби Зоҳидга аён эди. Бунақа зотлар ишни қайта қуришга эмас, замонга мослаштиришга уста бўлишади. Идоранинг ҳар қадамига қайта қуриш афзалликлари ҳақида шиорлар осиб ташлашади. Агар уйларида, аниқроғи, ётоқларида, янада аниқроқ айтилса — тўшаклари устида «Хотин — қайта қуриш авангарди!» деган шиорга кўз тушса, сира ажабланмаслик керак.

Зоҳидга аён бўлган сабаб шуки, идорадаги молиявий найрангларнинг бир учи қонун ҳимоячиларига энди маълум. Жалол Комилов номига ёзилган маошу мукофотлар ҳисобланса, фалон сўм бўлади. Унинг ҳаммасини, шубҳасиз, ўринбосар емайди. Аксинча, энг кам улуш унга тегади. Бошлиқ ўринбосаридан кўпроқ олади, аммо у ҳам ўз навбатида юқорига узатади. Нютон бошига олма тушганида Ернинг тортиш қонунини ихтиро этган экан. Кимёдаги занжир реактсиясини топган олим раҳбариятнинг пора тақсимлаш усули ва санъатидан илҳом олган бўлса не ажаб?

Бошлиқнинг шу «занжир реактсия» авжига чиқмай туриб, биринчи ҳалқадаёқ ишни бир ёқлик қилиш мақсадида эканини энг ландавур терговчи ҳам тушунади. Худога шукрки, Зоҳид ундайлардан эмас.

Ўринбосар чиндан ҳам тезгина етиб келди. Яратилганда Худода ҳаққини қолдирмаган, деб шу бандага айтилса керак. Худо бўйдан урганида у энига қўштириб олган, «фалон ёшида бошидан сочи тўкилиб кал бўлади», деб ёзуғ битилганида бошдан тўкилувчи сочни кўкрагига, жағига кўчирган — кўкракдаги жун кўплиги ва узунлигидан кўйлак ёқасидан чиқиб, кўрган одамнинг ғашини келтирарди. Кунда икки марта қиртишламаса бўлмайдиган соқол эса, ёноқларининг нақ чўққисига қадар бостириб борган. Яна бир ҳаракат қилса, соқол деганлари киприклару қошларга қўшилиб кетиши ҳеч гапмас. Ўринбосарга салобат бахш этиб турган кўзойнак гардишининг пастки қисми айнан соқолнинг ўша чегарасига қадалади.

Ўринбосарнинг Яратгандан ундирган энг улуғ неъмати — кўзлари. Бунақа мулойим боқувчи, узун киприклар билан ҳимояланган кўз қизларда ҳам кам учрайди. Ўринбосар Зоҳиднинг хонасига кирдию дарсга кеч қолган боладай бошини эгиб, ер остидан қараб қўйди. Аста сўз бошласа, кўзлари шунчалар мулойим боқардики, одам ўлдириб келган тақдирда ҳам ҳибсга олиш ҳақидаги қарорга имзо чекишга қўл бормасди. У гавдасига монанд семизгина жигарранг сумка кўтариб олган эди. Ўринбосар Зоҳиднинг рўпарасига ўтириб, сумкани тиззасига қўйди-да, «қамайсизми ё раҳм қиласизми?» дегандай мўлтиллаб қаради.
— Бошлиғингиз айтгандирлар, а? — деди Зоҳид.
— Айтдилар, яхши иш бўлмабди. Аммо биз бу пулларни ўзимиз еб юборганимиз йўқ. Бировнинг ҳақидан қўрқамиз. Ўзингиз биласиз, шаҳар катта, келди-кетди кўп. Меҳмон-измон кутишнинг ўзи бўлмайди. Олдин ҳукумат унча-бунча пул ажратарди. Энди у ҳам йўқ. Ўнта меҳмонни кутасан, дейишади, тамом. Еб-ичиб кетса ҳам майли. Масков томондан келганлар совға-саломга ўрганиб қолишган.

«Бошлиқ иккови чиндан ҳам ухламаганга ўхшашади, — деб ўйлади Зоҳид, унинг гапларини эшитиб. — Ўринбосар балогардонликни бўйнига олган. Уйдаги топган-тутганлари тунда яширилиб, уй бир ғариб ҳолга келтирилган. Балки «қамаб қўйишади», деб хотин, бола-чақалари билан хайрлашиб ҳам келгандир. Бошлиқ ҳозир хонасида қилт этмай ўтирибди. Котибасига «мен йўқман», деб тайинлаган. Ўринбосари ҳибсга олинганини эшитиши билан идорада мажлис тўплаб, қайта қуриш душманлари фош этилгани, уларга қарши аёвсиз кураш олиб бориш лозимлиги масаласини кун тартибига қўяди...»

Зоҳид тинмай гапираётган ўринбосарга қараб туриб телефон гўшагини кўтарди-да, бошқармага қўнғироқ қилди.
— Да, ало, эшитаман, — деган овозни эшитиб, ўринбосарга қаради. Ўринбосар телефон рақамлари терилаётгандаёқ жим бўлиб, бир оз ажабланиш, бир оз хавотир билан унга тикилиб ўтирган эди. Зоҳид бошлиқнинг исмини тилга олгач, ўринбосарнинг бутун вужуди қулоққа айланди.
— Қудрат акам йўғийдилар, секага кетувдилар. Ким сўравотдилар? Келсалар нима деб қўйий? — деди котиба.
— Мен прокуратураданман. Шариповман, — деди Зоҳид совуқ оҳангда.
— Вой, тўхтанг-чи, ҳали кетмаганга ўхшайдилар...— Котиба сукут сақлади. — Ана, қайтиб кевоттила.
— Эшитаман, ўртоқ Шарипов. Кўнглим сезгандек изимга қайтувдим, тинчликми?
— Ҳа, тинчлик, ўринбосарингиз етиб келдилар. Хавотир олманг, демоқчи эдим, — Зоҳид гапни калта қилиб, гўшакни жойига қўйди.

Ўринбосар узилган гапини давом эттирмади. Бироз ўйлади. Зоҳиднинг бу кичик «ўйини» самара берган, тунда ўйлаб-пишитилган режа дарз кетган эди. Узун киприклар ҳимоясидаги кўз илтижоли боқди:
— Пулларни бошлиққа берардик, ўзлари сарфлар эдилар...
— Пуллар масаласида бошқа ўртоқ шуғулланади. Сиз менга бир гапни айтинг: Жалол Комиловни охирги марта қачон кўргансиз?
— Жалол Комилов ўлдирилганда мен йўқ эдим.
— Буни биламиз. Охирги марта қачон кўргансиз?
— Янги йилдан кейин. Участковойга справка бериши керак экан.
— Кайфияти қанақа эди, уст-боши қанақа эди?
— Кайфияти... яхши. Сал кайфи бор эди. Устида оқ пўстин. Телпаги ҳам тоза теридан.
— Нимада келди?
— Такси ҳайдаётган экан. Мени бир жойга олиб бориб қўйди... пулини бердим.
— Таксичилик қилаётган бўлса, нима учун сиздан справка сўради?
— Такси бировники бўлса керак?!
— Бировнинг таксисини бемалол миниб юриш мумкин, деб ўйлайсизми?

Ўринбосар «ким билади?» дегандай елка қисди.
— Нима ҳақда гаплашдинглар?
— У ёқдан, бу ёқдан...
— Аниқроғи?
— Сибирдан келган экан.
— Сибирга нима учун борибди?
— Уч-тўрт йил ишлабди. Менам сизга ўхшаб сўровдим, «комсомол йўлланмаси билан бориб келдим», деди. БАМга боргандир, деб ўйлабман.
— Сизда «ишлайди», деган рўйхатда турарди. Унинг асосий иши нима эди? Чайқовчимиди, ўғримиди?
— Унисини билмайман.
— Унча-бунча узатиб турармиди?
— Йўқ, бунақаси бўлмаган.
— Уни сиз ишга олганмисиз?
— Ҳа.
— Ким тавсия этган?
— Хўжайин-да, мана аризада қўллари бор, — у шундай деб сумкани очмоқчи бўлди.
— Керакмас, кўрганман, — деди Зоҳид уни тўхтатиб. — У хўжайинингиз оламдан ўтиб кетган. Аризага у киши имзо чекиб, сиз буйруқ бергансиз.
— Тартиб шунақа-да.
— Комилов қаерда яшаган?
— Билмайман.

Шу ерга келганда ўринбосар кўзини олиб қочди. Зоҳидга шунинг ўзи кифоя қилди, кўз очирмай савол ўқларига тутиш лозимлигини англади:
— Комилов сизни таксида қаерга олиб бориб қўйди?
— Эсимда йўқ.
— Эсланг.
— Омборхонага эди, шекилли.
— Аниқми?
— Ҳа, аниқ.
— Омборхона қаерда?
— Қўйлиқда.
— Атайин сизни олиб бордими ё ўша ёқда иши бор эканми?
— Билмадим, олиб борди, пулини бердим.
— Омборхонадан чиққунингизча кутиб турдими?
— Йўқ.
— Нима учун хизмат машинангизда бормадингиз?
— Машина бузуқ эди.
— Сиз идорадаги ғирромликлар учун жавобгарликка тортиласиз, буни биласиз. Лекин унинг ёнига ёлғон гувоҳлик бериш қўшилса, нима бўлишини билмайсиз. Сиз балки қотил эмасдирсиз, лекин қотилни яширишга уринаётганингиз аниқ.
— «Балки қотил эмасдирсиз», деганингиз нимаси? Нима учун мен қотилни яширишга уринарканман?! — Бошқа эркак бўлганида бу гапларни пўписа оҳангида айтарди. Ўринбосар эса қўй кўзларини қўриқлаб турган узун киприкларини пириллатиб, титроқ овоздан айтди.
— Қотил топилмагунига қадар марҳумни таниган, билган одамнинг ҳар биридан гумон қиламиз.
— Олдин «сиздан гумонимиз йўқ», дедингиз-ку?
— Ҳа, шундай дедим, — Зоҳид «бу бало-ку», деб қўйди ўзича. — Келганингизда шу фикрда эдим. Гапни чалғитишингиз билан гумонсирай бошладим. Биздаги маълумотларга қараганда сиз ўша кун Комиловнинг уйига боргансиз.
— Ким айтди?
— Ўз кўзи билан кўрган одамлар. Юзлаштирайми?

Ўринбосар бошини эгди.
— Йўқ, — деди секин, мағлуб одам овозида. — Керакмас. Сибирдан ул-бул олиб келган экан. Кейин... «Олтин ҳалқа» деганидан бор-ку, шундан бир қултумдан...
— Совға ҳам қилдими?
— Пулини бердим, совғамас.
— Нималар сотиб олдингиз? — Зоҳид унинг мушкулини осон этиш учун «сотиб олдингиз» деган сўзларга атайин урғу берди.
— Ўзимга телпак олдим. Уч юз берувдим, юзини қайтариб берди. Сиздан фойда олмайман, деди. Қизларимга атаб ҳам ул-бул...
— Сиздан нимани илтимос қилди?
— Ҳеч нарсани.
— Яширманг.
— Уй тўғирлаб беринг, деди. «Саргардонлик тугади, уч хонали уй тўғирлаб берсангиз, бола-чақа қилиб ўтираман», деди.
— Сиз уйни қандай тўғирлаб бермоқчи эдингиз?
— Мен хат қилиб берсам бас, қолганига ўзининг ишончли одамлари бор экан.
— Ким?
— Билмайман.
— Ҳосилбойваччами, Марканянми?

Ўринбосар бир чўчиб тушди-ю, бошини эгди. Одам эмас, тошбақа бўлиб яралганида ҳозир бошини косаси ичига олиб, очидан ўлиб кетса ҳам, чиқмай ётаверарди.
— Билмайман, бунақа одамларни танимайман.
— Асадбек деганини-чи, эшитмаганмисиз?

Ўринбосар ташвишланиб, тезгина қараб олди.
— Танимайман.
— Комиловнинг уйи қаерда?
— Себзорда.
— Аниқроғи?
— Нечанчи уйлигини билмайман.

Зоҳид телефон гўшагини кўтариб, шаҳар жиноят қидирув бўлимида Комиловнинг иши билан шуғулланаётган инспектор Мақсуд Солиевга қўнғироқ қилди-да, Себзорга етиб келишини, депара бўлимидан Толиповни ҳам чақиришини сўради.

Маёр Солиевни бу иш билан шуғулланувчи гуруҳга Зоҳиднинг талаби билан қўшишган эди. Ўттиз йилдан бери шу соҳада ишлаётган маёрни Зоҳид дорилфунунда ўқиб юрганидан бери билади. Талабалик йилларида амалиёт бўйича йўлланма билан келиб, шу маёр билан ишлаган эди. Дастлаб «нима учун маёр, нима учун оддий инспектор», деб ажабланди. Кейин унинг феълини ўрганиб, яхши кўриб қолди. Хўжайинларнинг отган ўқи бўлмай, кимларгадир эмас, фақат ҳақиқатга хизмат қилишни бурчи деб билган бу одамга Зоҳид ихлос қўйган эди. Зоҳидга Намозов иши топширилганда маёр сафарда эди. Шилимшиқ иши бошланганида Зоҳиднинг бахтига у сафардан қайтди-ю, дарров қидирув гуруҳига қўшилди.
— Қани, туринг, Комиловнинг уйига борамиз, — деди Зоҳид.

Ўринбосар мутелик билан ўрнидан турди. Унинг хотираси яхшими ё бир неча марта кеганмиди, ҳархолда Комиловнинг уйини ҳеч бир адашмай топиб борди.

2

Шилимшиқ уч хонали уйнинг бир хонасини ижарага олган экан. Ёши элликдан ошган, аммо кексалик ҳукмига ҳали-бери бўйсунмайдиган кўҳликкина аёл уларни ошкора нохушлик билан қарши олди. Шилимшиқнинг хонасида битта йиғма каравот, оёғи лиқиллаб турган эски устол, иккита устулгина бор эди. Устулларнинг бири кийим илгич вазифасини ўтарди. Кийимлар устма-уст бетартиб равишда ташлаб қўйилган. Устол устида қотган нон бўлаклари, шишаси жимжимадор «Олтин ҳалқа» деб аталган ароқ, ювуқсиз тўртта пиёла, жўмраги чегаланган чойнак турарди.
— Сиз келганингизда уй қандай аҳволда эди? — деб сўради Зоҳид Ўринбосардан.
— Худди шунақа. Олиб келган нарсаларини сотиб, мебел олмоқчи экан.
— Нарсаларни қаерда сақларкан?
— Чамадонидан олиб берди. — Ўринбосар шундай деб йиғма каравот остидаги жомадонни имлаб кўрсатди.

Солиев билан Толипов икки қўшни гувоҳлигида тинтув бошлашди. Зоҳид эса уй бекаси билан гаплашиш учун нариги хонага чиқди. Бека гапини Жалол Комиловни яхши билмаслигини маълум қилишдан бошлади. Зоҳид бундан «Мени сўроқ қилиб овора бўлманг», деган маънони уқди. Шу сабабли терговни анъанавий тарзда икир-чикирдан эмас, аёл кутмаган ҳолда бошлади:
— Комилов уйингиз кириб келганида қўлида нечта чамадон бор эди?
— Эсимда турибдими? — деди аёл, тўғри жавобдан бўйин товлаб.
— Эслашга ҳаракат қилинг. Орадан бир йил ўтмади-ку?
— Эсим ўзи сал шунақароқ, — деди бека, пичинг билан.

Зоҳид «ҳозир сайраб юборганингни ўзинг ҳам билмай қоласан», дегандай муғамбирона кулимсираб қўйди-да, ён чўнтагидан расм чиқариб унга узатди. Бека расмдаги даҳшатли манзарани кўрибоқ сесканиб тушди. «Вот ужас!» деб кўзларини чирт юмди. Худди калима қайтаргандай бир нима деб пичирлади. Зоҳид ундан кўз узмай тикилиб тураверди. Кўкраклари орасидаги ариқча кўриниб турган, худоси пардоз-андоз бўлган бу аёлнинг калима келтириши мумкинлигига Зоҳид ишонмасди. Шу сабабли унинг нима деб пичирлаганини билишга қизиқди.
— Гапингизга тушунмай қолдим, қайтаринг.
— Одамлар ваҳший бўлиб кетишган, — деди аёл кўзини очиб.
— Ким қилган бўлиши мумкин?

Кўзларидан киборлик пардаси кўтарилган бека Зоҳидга қовоқ уйиб қаради:
— Нима, мени қотилларга шерик, деб ўйлаяпсизми?
— Касбимиз шунақа. Ҳақиқат очилмагунча ҳаммадан гумонсираймиз.
— Унда мени олиб бориб қаманг, отинг! — аёл зарда билан ўрнидан турди.
— Ўзингизни босинг, жойингизга ўтиринг. Саволларимга жавоб беринг, — Зоҳид кескин-кескин гапириб, аёлнинг зардаси сариқ чақа эканини маълум қилиб қўйди. — Қўлида нечта чамадон бор эди, эсладингизми?
— Битта... яна битта тўр халта бор эди.
— Кийимлари қанақа эди?
— Ағдарма пўстин, бошида телпак.
— Оёғида-чи?
— Калта қўнжли этик.
— Совуқ жойдан келибдими?
— Ҳа, Новосибирскда икки йил яшабди.
— Нима учун?
— Академияда ишлабди. Диссертатсия ёзибди.
— Илмий иши нима ҳақда экан, айтмадими?
— Мен сўрамадим. Илмга тоқатим йўқ.
— Уйга танишлари келиб турармиди?
— Бир-иккитаси келган.
— Эркакми, аёлми?
— Ҳм... Эркак бўлганидан кейин хотин бошлаб келади-да. Бунинг нимаси ёмон?

Зоҳид ўрнидан туриб даҳлизга чиқди-да, қўшнилар билан ўтирган Ўринбосарни имлаб чақирди.
— Уйга келганингизда бу аёл бормиди?
— Ҳа.
— Сиз уни танийсизми?
— Йўқ... Очиғи... Жалол мени уйга қўйиб, ўзи бир ёққа кетди. Сангинахон билан бироз чақчақлашиб ўтирдик.
— Қани, юринг. — Зоҳид уни бека ўтирган уйга бошлади. — Мана бу кишига қаранг, келганмилар?

Аёл Ўринбосарга беписанд қараб олди:
— Эсимда йўқ.
— Эртагача эслаб, соат ўнда прокуратурага борасиз, — Зоҳид шундай деб кўкрак чўнтагидан чақирув қоғози олиб, ёзди-да, бекага узатди.
— Мен ўнда боролмайман, — деди аёл, — ишдан рухсат беришмайди.
— Бешик тўйига деб сўрасангиз балки рухсат беришмас. Лекин чақирув қоғозини кўрсатсангиз ижозат тегади. Гапларингизга қараганда қонунни яхши биладиганга ўхшайсиз. Ўзингизни гўлликка солманг. Сизга эса, — Зоҳид Ўринбосарга юзланди, — ҳозирча рухсат. Керак бўлганингизда ўзимиз чақирамиз. Шаҳардан чиқмай, узоққа кетмай туринг.
— Шунақа пайтда қаёққа ҳам кетардим. Қўлимдан келган хизматни аямайман, — Ўринбосар шундай деб хайрлашиб, чиқди.

Шилимшиқнинг хонасида тинтув тугаб, эксперт пиёладаги бармоқ изларини олаётган, суратчи фотоаппаратини ғилофига жойлаётган, Ҳамдам эса кийим-кечаклар рўйхатини ёзиб ўтирган эди. Мақсуд Солиев эса дераза раҳига суяниб, ўйга ботган ҳолда турарди. Зоҳид иш охирига етишини кутиб ўтирди. Гувоҳлар рўйхатга имзо чекишгач, маёр Солиев уларни қўшни хонада яна озгина кутиб туришларини илтимос қилди.
— Бор бисоти шу эканми? — деди Зоҳид, улар чиқиб кетишгач.
— Ҳа. Бойлик талашганга ўхшамайди, — деди Ҳамдам.
— Хонима нима дейди? — деб сўради маёр.

Зоҳид суҳбат баёнини маълум қилиб, Ўринбосарнинг маълумотини ҳам қўшиб қўйди.
— Шилимшиқ Сибирдан қуруқ келмаган, бу аниқ. Бегона аёлнинг уйига ҳам қўнмайди. Ҳамдам, сен бугун уй бекасининг ким эканлигини аниқлаб қўй, — деди Солиев, — Шилимшиқ бир жойга чиқиб келган бўлса, демак, моллари бошқа ердалиги аниқ. Қаерда, нимаси бор унинг? Ўсмирлигида қамалганидан бери сип-силлиқ юришида бир гап бордир. Қотилини топганимиз билан иш битмас, дарахт илдизи чуқурроқдир. Илдизни кавлашга дарахт эгалари, боғбонлари йўл қўйишармикин? Ахир бу анов-манов дарахт эмас. Боғбонларни боқиб турадиган, соясидан баҳраманд этадиган дарахт-а! — Солиев шундай деб Зоҳидга қаради. Лекин ундан жавоб кутмай, устол устидаги жомадонга яқинлашди. Худди оғирлигини чамалагандай кўтариб кўрди. — Ҳамдам, гувоҳларни чақир. Чамадоннинг баҳридан ўтишга тўғри келади.

Гувоҳлар киргач, чўнтагидан букма пичоқ чиқариб, Ҳамдамга узатди. Ҳамдам худди уста бичиқчидай илдам ҳаракат қилиб, жомадон астарини йиртди. Ҳаракатлари зое кетиб, жомадондан арзирли ҳеч нима чиқмади. Шундан сўнг гувоҳларга рухсат берилди.
— Мен ҳозир сен билан бирга бораман, — деди Солиев Зоҳидга. — Шилимшиқдан қолган нарсаларни ўзим бир кўрай.

3

Маёр Солиев Шилимшиқдан қолган бисотларга аввал тикилиб турди. Сўнг кўзойнагини тақди-да, қўлига тилла занжирли медалонни олди.
— «Любимой Лене от Павла»... Бу қаерда экан?
— Бўйнида. Бармоғида анави тилла узук. Чўнтагида пул. Ҳеч нарсасига тегишмаган, — деди Зоҳид.
— Ленаси ким бўлди?
— Сўров тарқатганман. Жавоби балки Сибир томонлардан келар.
— Бошқача жавоб бўлиши мумкин эмасми? Сен бу одам Лена деганни ўлдириб, занжирини тортиб олган деб ўйлаяпсанми? Уни арзон-гаровга сотиб олган бўлса-чи? Балки изни яшириш, бизни чалғитиш учун қотиллар бўйнига илиб кетишгандир?
— Иккинчи гумонингизга ўрин йўқ. Экспертиза занжир бўйнида, узук бармоғида узоқ вақт турганини тасдиқлади. Биринчи гумонингиз ҳам ҳақиқатдан узоқроқ. Агар Комилов тўдаларга алоқадор одам бўлса, бунақа арзон-гаров нарса сотиб олиб бўйнига осиб юрмас.

Солиев Зоҳидга қараб, кулимсираб қўйди. Йигитнинг фикридаги мантиқ унга маъқул келди. Шилимшиқнинг чўнтагидан пулдан ташқари ҳар хил қоғоз парчалари чиққан эди. Чўнтакда юриб бир оз уринган, аммо тешилмаган трамвай патталари Солиевнинг диққатини тортди.
— Комилов трамвайда юрган эканми? — деди у, паттадан биттасини олиб, синчиклаб қараб. — Тагида машина бўлса...
— Машина ўлимидан ўн кун олдин ўғирланган.
— Ёки олган, — деб изоҳ берди Солиев.
— Олганлиги ҳақиқатга яқин, лекин исботланмаган ҳақиқат. Паттани эса дўконларда қайтим ўрнига ҳам беришади.
— Агар бу тўдага алоқадор шахс бўлса, қайтимга патта олмайди, бу бир. Булар тийинларнинг фарқига боришмайди. Трамвайда юрмайди, бу икки. Трамвайга чиқиб қолгудай бўлса ҳам ҳақини тўламайди, бу уч.
— Нимага тўламайди?
— Сабаби оддий. Баъзан ёдларидан кўтарилади. Чунки патта тўлаш одат тусига кирмаган. Баъзан тўлагилари келмайди. Пулдор одам минглаб сўмларни беҳуда совуриши мумкин. Лекин тийин ишлатишда хасислиги тутади. Хўш, бу одамга трамвай паттаси нима учун керак?

Зоҳид буни ўйлаб кўрмаган эди. Тилла буюм, пул турган пайтда арзимаган тийинларни ташкил этувчи трамвай паттаси ҳақида бош қотириш лозимлиги хаёлига келмабди. Ҳозир кўпни кўрган маёр бунга эътибор бергач, ўйлаб қолди.
— Агар у Сибир томонларга гастролга борган бўлса, қуруқ қайтмаган. Қолаверса, гастролга бир ўзи борганми? Балки шерикларидан бирон нарсани яшириб, номардлик қилгани учун жазосини олгандир? Буюмларини қаерга яширган? Энг қулай жой темир йўл бекати ёки аеропортдаги юкхона эмасми? Паттадаги рақамлар юкхона тилсими эмасмикин?

Зоҳид паттани қўлига олиб, Солиевга ажабланиб қаради.
— Қанақасига?
— Айтайлик — 391829. «3» ёки «39» юкхона белгиси, «1829» эса тилсим рақами. Юкхоналарни тафтиш қилиш керак. Тафтиш учун шаҳар прокурорининг рухсатини ол. Бу тилсим кўп нарсанинг сирини очади. Мен унгача машинани бир кўрай.

Ёнган машинадан нима қоларди? Қорайиб ётган мошинасифат тунука ичи Солиевга қадар ҳам титиб чиқилган эди. Шунга қарамай маёрга аталган нарса ҳам бор экан. Чақалоқнинг кафтидай келадиган учбурчак тунукача оловда қоғоздай бужмайиб қолган эди. Солиев уни авайлаб олиб, рўмолчасига ўради.

4

Таксопаркнинг бошқони чиқиб кетгач, Асадбек Кесакполвонга қаради:
— Ишни хом қилган экансан, — деди у, норози оҳангда. — Машина ўғирлангани ҳақида хабар бериб қўйиш керак эди.
— Мурдани ҳам ёқиб юбориш керак эди, — деди Чувринди, Асадбекнинг гапини маъқуллаб. — Бармоқ изига қараб, кимлигини аниқлашган. Энди кавлаштириб ётишибди.
— Ваҳима қилавурма. Бир жойни таталаб тешиб чиқиши учун темирдан тирноқ керак, — деди Кесакполвон, пешонасини тириштириб. У Асадбекнинг танқидини оғир олмасди, аммо гапга Чувринди аралашса, энсаси қотарди, камчилигини бўйнига олишни сира истамасди.
— Ҳозир темир тирноқлар пайдо бўлган, — деди Асадбек.
— Темир тирноқларнинг ҳам ошқозони, жиғилдони бордир? — деди Кесакполвон, бўш келмай. — Шилимшиқни олдириб кел, дединг, бир кунда оёғини ерга теккизмай олдириб келдим. Ҳофизга рўпара қил, дединг рўпара қилдим. Уни биз ўлдирганимиз йўқ. Кавлашса ҳам бизга рўпара бўлишмайди.
— Йўлни биз томонга буриб юборадиган ишлар ҳам бўлган, — деди Чувринди. — Ҳайдар ака бир-икки ишни бемаслаҳат қилганлар. Бугун йигитларим муҳим гап топиб келишди. — Чувринди шундай деб сукут сақлади. «Айтаверайми?» дегандай Кесакполвонга қаради. Кесакполвон ўрнидан бир қўзғолиб олди.
— Гапни чайнамай, айтавермайсанми? — деди жеркиб.
— Шилимшиқ ҳали ҳам ободонлаштириш идорасида рўйхатда турган экан. У ердаги ҳаромиларга маоши керак бўлган-да. Терговчи ўша ергача кавлаб борган. Шилимшиқ Тожимуллаев билан учрашган экан.
— Ким у? — деб сўради Асадбек.
— Тожимуллаев ўша идора бошлиғининг муовини. Хуллас, у терговчини Сангинаникига бошлаб борган.

Асадбек Кесакполвонга ўқрайиб қаради.
— Ўшаникида турганмиди Шилимшиқ? Сен менга бошқа гап айтган эдинг-ку?
— Мен айтган жой ишонсизроқ чиқди. Сангина пухта жувон.
— У-ку пухта, аммо сен латтасан. Бошинг билан ўйлайсанми ё бошқа ёғинг биланми?
— Сен қаеринг билан ўйласанг, мен ҳам ўша ерим билан ўйлайман. Ишнинг сассиғи чиққанда мен айбдор бўлиб қолдимми? Шилимшиқни ҳофизга рўпара қилганингда тўй ҳақида гап йўқ эди. Сен мардлик қилмоқчи эдинг. Ўзинг ҳам калта ўйлагансан. Мен ўғридан чиққан одамман. Ишим ё чикка бўлади, ё пукка.

Асадбек ўртоғига бақириб хато қилганини фаҳмлаб, уни тиззасига шапатилади.
— Жириллама. Мен ҳам қиморбоздан чиққан оми одамман. У ўйинларда бугун ошиқ олчи турмаса, эртага туради. Эндиги ўйинларда ошиқ олчи турмаган кун ўлдим, деяверасан. Энди хато қилишга ҳаққимиз йўқ. Мен Шилимшиқни жазолашим зарур эди. Агар у жазосини олмаса, бошқа бир йигит унинг изидан борар эди. Тартиб бўлмаса, биров бизни бир тийинга ҳам олмай қўяди. «Мардлик» деган олифта гапларингни қўй. Ким мен чизган чизиқдан чиқса, Шилимшиқнинг орқасидан жўнайди. Икковинг ҳам йигитларингга айтиб қўйларинг. Мендан кейин сен, сендан кейин Маҳмуднинг айтгани қонун бўлади. «Ким кўпроқ айбли?» деб ахлат титишингга йўл қўймайман. Бу ҳукмни мен чиқарганман! Маҳмуд, энди нима қилмоқчисан?
— Ҳали бир тўхтамга келганим йўқ. Терговчи яхши ҳид оладиган исковичга ўхшайди. Унинг ёнига маёр Солиев қўшилган.
— Солиев? Катталарнинг шўрини қуритган маёрми? Ишдан кетувди-ку? — деди Асадбек.

Маёр Солиев икки йил бурун бир қотиллик изидан бориб, юқори амалларни эгаллаб турган одамларнинг эрка фарзандларини фош қилган эди. Бу ишни хаспўшлашга интилиш яхши натижа бермади. Адолат қарор топгандай туюлди, аммо Солиев истеъфога чиқишга мажбур бўлганди. Ҳозир Асадбек шуни назарда тутиб сўради.
— Янги йилдан ишга қайтаришган. Бир ярим йиллик маошини тўлашган, — деди Чувринди.
— Ҳайдар, эшитдингми? Темир тирноқ ўша бўлади. Унда ошқозон ҳам, жиғилдон ҳам йўқ.
— Унда бу дунёда яшамаса ҳам бўларкан.
— Қани, тегиб кўр-чи, уларга! — деди Асадбек овозини баландлатиб. — Ишни осонроқ йўл билан ёпиш керак.
— Бир-иккита кавказлик топмаса бўлмайди, — деди Чувринди.

Асадбек унинг мақсадини тушуниб, Кесакполвонга савол назари билан қаради.
— Ҳайдар?
— Ҳайдарсиз ишларинг битмайдими?
— Латтачайнарлик қилма.
— Иккитаси бор.
— Маҳмудга бер уларни. Маҳмуд, каллангни ишлатиб, йўли билан терговчиларга рўпара қил, хитланишмасин. Ҳайдар, уларнинг шарти қанақа бўлади?
— Қорадори-да.
— Қаерда бўлса ҳам етказиб берамиз. Сен Сангинани кўздан йўқот.
— Увол бўлмайдими?
— Ўлдир деганим йўқ, кўздан йўқот дедим. Терговчининг акасини ўлдирган болани топиб уйига ташлаларинг. Сал эти ўлиб турсин.
— Қайси бирини ташлайлик?
— Нечта ўзи?
— Уч-тўртта бўлиб ўлдиришган. Лекин ўша пайтда биттаси қамалган. Биттаси кейинроқ дўконда қўлга тушган. Қолган иккитасининг айби камроқ дейишди.
— Ўша асосий иккитасини топларинг.

XIX боб

1

— Ватани йўқнинг имони йўқтур... — Исмоилбей шундай деб бошини эгди, сукутга чўмди. Эти устихонига ёпишиб, узун бурни янада беўхшовлик касб этган, кўзлари киртайиб қолган қария бу сукут чодирига ўралиб, нималарни ўйлади экан? Бу гапдан юраги ҳаприққан Зелихон-чи? У нима учун жим? У нималарни ўйлаяпти. Исмоилбейнинг чой қуйиб ўтирган ўғли Аҳадбей-чи?

Аҳадбей Зелихоннинг тенгқури. Тақдирнинг золимлиги бўлмаса бири тоғлар бағрида, бири денгиз соҳилида туғилиб ўсиб, шу ерда учрашармиди? Улар қишлоққа олдинма-кейин кўчиб келишди. Исмоилбей урушдан қайтгач, темирйўлга ишга кириб, оиласини шу ерга кўчириб келди. Зелихоннинг отаси эса урушдан қайтмади, у етим ҳолича қишлоқда ризқини териб юраверди.

Дунёдан ризқи узилай деб турган қария, ярим асрдан кўпроқ умр кўриб, ҳали ўз Ватанига эга бўлмаган бу икки бебахт банданинг айтаман деса ҳасрати камми, эслайман, деса хотиралари йўқми?

Тўрт йил бадалида немис Исмоилбейнинг жонини оламан, деб неча юз минг ўқ узди экан. Лекин яратган уни бу ўлим довулидан омон сақлаб қолди. Ризқ билан умрни мўл берган экан. Аммо бунинг эвазига Ватандан жудо қилибди.

Исмоилбей бошини эгиб, сукутга берилган чоғларида кўпинча Оллоҳга муножот этади: «Урушда жонимни омон сақла, деб ёлвордим, ўзингга шукр, сақладинг. Бир кунгина бўлса ҳам қишлоғимда, оилам бағрида яшай, денгизнинг мавжларини кўрай, дедим. Қишлоғимга қайтардинг, шукр. Аммо бир кунгина сиғдирдинг. Денгиз мавжларига тўйдирмадинг. Гуноҳим кўп бўлса, ватангадо қилсанг минг розиман. Аммо Она халқимни ватангадо қилганингга ақлим лол. Наҳот барчамиз баравар гуноҳкор бўлсак...» Шу гаплар хаёлига келади-ю, Худога таъна қилгани учун дарров тавба ҳам этади.

Умри поёнига етгани сайин хотира денгизи ҳам саёзлашиб, мавжлари сустлашиб борар эди. Баъзан тушида, баъзан эса хаёл булутларига банди бўлиб ўтирган чоғида денгиз соҳилида, қирғоқдаги майда тошларни оҳиста силаётган ожиз тўлқинларни безовта қилиб югураётган иштончан бола кўз олдига келади. Ҳаётни фақат шодликдан иборат, деб ўйловчи бола қийқириб, қувнаб югуради. Сачраган сув томчилари қуёш нурида зумрад мисол бир товланиш беради-ю, яна ўз ўрнига қайтади. Боланинг қувнашидан денгиз ҳам маст, қуёш ҳам яйраб нур сочади. Сўнг... денгизнинг уфққа туташ ерини ёндириб қуёш ботади. Сўнг ой кўтарилиб, бу ёнғиндан азоб чеккан денгиз юзини силаб овутади. Ой нури денгиз узра узун пояндоз солади. Шу пояндоз устида юриб кетгинг келади... Бу бола — Исмоилбей. Соҳил бўйлаб чопаётган бу бола унга урушдан ҳамроҳ бўлди. Урушдан қишлоғига қайтгач, уни яна кўрди. Бу сафар ухламасдан, ҳатто мудрамасдан, кўзини юммасдан туриб кўрди.

Госпиталдан чиққанидан сўнг, манзили ўзгаргач, уй билан алоқаси тамом узилган, у уруш оловида эмас, хавотир оловида қоврилган эди. Қишлоғига қайтиб, уйида бегона гуржиларни кўргач, ҳайратдан ёқа ушлади. Шоп мўйловли гуржи уни уйига бошлади. Мусаллас билан сийлади. «Биз айбдор эмасмиз, биродар, биздан хафа бўлма!» деди. Яна аллақанча гаплар айтди. Аммо бу гаплар унинг қулоғига кирмади. Денгиз соҳилига борди. Этигини ечиб, шимининг почаларини қайириб, соҳил бўйлаб юрди... Ўғлини елкасига миндириб олиб, соҳил бўйлаб югуришни орзу қиларди. Ўғли йўқ. Югуришга хоҳиши ҳам, мажоли ҳам йўқ. У икки нарсага ҳайрон, бири — оиласини қандай топишни билмайди. Иккинчиси — қишлоқ йигитлари урушда жон олиб, жон берса-ю, бунда қолган қариялар, хотинлар, болалар қандай қилиб хоин бўлишсин? Қишлоқдан битта, нари борса иккита сотқин чиқар, лекин ялпи хоин бўлиши мумкинми? У — Исмоилбей урушда бир нарсани — Ватан учун жанг қилиши лозимлигини биларди. Энди ҳайрон: қани ўша Ватан?

Хаёлида кўп жонланадиган икки манзара шу — соҳил бўйлаб қувнаган ҳолда югураётган бола... шимининг почасини ҳимариб, қайғу юкини орқалаб бораётган аскар... Кўкрагида Ватан ҳимояси учун берилган нишонлар. Кўкрак сиртида нишонлар, кўкрак ичидаги юракка эса тиғ санчилган...
— Ватани йўқнинг имони йўқтур, — Исмоилбей шундай деб, хаёл бандилигидан озод бўлиб, кўзларини очди. — Худо ота-боболаримизга Ватан берган эди, биздан тортиб олди. Бизнинг гуноҳларимиз учун сизлар ҳам ватангадо бўлдинглар. Сизлар имонсиз кетманглар, Ватанга қайтинглар. Худога шукрки, бизни кофирлар юртида хору зор қилмади. Орқадошларимиз бизларни ранжитишмайди. Уларнинг улуғлиги шунда. Аммо Ватан улуғроқ. Унинг ўрнини ҳеч нима босмайди.

Исмоилбейнинг кейинги гапларини тепловознинг қичқириғи босиб кетди. Сўнг поезд гуриллаб ўтиб, уй тебраниб, шифтларигача қисирлади. Уй эгалари бунга кўникиб кетишган, эътибор ҳам беришмади. Зелихон эса ҳар ўн дақиқада бир поезд ўтиб, заминни силкитганда хавотир билан шифтга қараб қўяди.
— Вакилларимиз Масковга кетишди, — деди Аҳадбей, — Қрим татарлари билан биргалашиб, ҳақиқатга етишар, иншооллоҳ.
— Чеченлар кўп кетишди. Сени ҳам кетди, деб юрувдим? — деди Исмоилбей.
— Онам шу ерда, бувам шу ерда. Мен қаёққа бораман? — Зелихон «мен қамоқда эдим», демади. Чол гап кавламасин, деб бошини эгиб, сукут сақлади.

Исмоилбей «сизлар гурунглашиб ўтиринглар, мен самоварга чиқай» деб фотиҳа ўқиди-да, ўрнидан турди.

Аҳадбей отаси кирганида хонтахта остига яширган шишани олиб, пиёлаларга ароқ қуйди-да, «Соғ бўл», деб кўтарди.
— Сени чақирганимнинг боисини энди айтай, — деди у. — Вакилларимиз Масковдан қуруқ қайтишади. Масков юртларингга бораверинглар, деган билан гуржилар уйларимизни бўшатишмайди. Қон тўкилиши аниққа ўхшаб турибди.
— Қон тўкилса чеченлар сизлар томондан бўлишади.
— Қон ўша ёқда тўкилади, деб ўйлаяпсанми?

Зелихон бу гапдан ажабланди:
— Қаерда тўкилади?
— Шу ерда.
— Эсинг жойидами? Ким билан урушасан? Ким қон тўкади?
— Ўзбеклар билан...
— Аҳад! — Зелихон ўрнидан қўзғолиб, тиз чўкиб ўтириб олди. — Жиннимасмисан? Бизга уй берган, нон берган ўзбек билан урушасанми?
— Сен ҳовлиқма. Биз урушмаймиз. Бизни уруштиришади. Мен кузатиб, сезиб юрибман. Сен Федяни билармидинг?
— Қайси Федя?
— Истансанинг орқасига турарди. Лақаби «Бўри».
— Ҳа... отилиб кетувди шекилли?
— Ҳукмни ўзгартиришган. Ўн беш йил беришувди. Янги йилдан олдин пайдо бўлиб қолди.
— Қочибдими?
— Қочганга ўхшамайди. Бемалол юрибди.
— Қутулиб чиққандир?
— Йўқ. Ҳали ярмини ҳам ўтирмади. Афви умумийга тушиши ҳам мумкинмас. Хуллас, бу ёғини эшит: уни Қувасойда кўрдим. Пивохонада тўртта улфати билан ўтирган экан. Улфатлари бу ерлик эмас, билиниб турибди. Мен билан кўришди. «Нима қилиб юрибсан?» десам, «иш бор, братан», деб ишшаяди. Битта-яримтанинг изига тушиб, шўрини қуритмоқчими, деб пойладим. Шериклари билан Қувасойни айланиб чиқишди. Асосан турклар кўпроқ яшайдиган кўчаларни айланишди. Кейин иккита мошинга ўтириб, ғойиб бўлишди. Эртасига уларни бу ерда кўрдим. Улар тамошага келишмаган. Кўнглим сезиб турибди. Куёвим Қувасойдаги пивохонада ишлайди. Атай бориб суриштирдим. Улар уч-тўрт марта келишибди. Турк йигитлари билан пивохўрлик қилишибди. «Ҳозир ҳамма ёқда эркинлик, сизлар Турк автономиясини талаб қилинглар», дейишибди. «Туркларнинг ўз республикаси бўлсин!» дейишибди. Пиво ичгани кирган иккита ўзбек йигитни туртиб чиқаришибди. Гапга тушуняпсанми?
— Федя шу ердами?
— Шу ерда эди, кўринмай қолди.
— Яхши, уни ўзим топаман. Селим қаерда, ҳали ҳам Қувасойдами?
— Ҳа.
— Федя билан кўришгандир?
— Билмайман.
— Кўришади. Федя келади-ку, кўришмайдими? Тур, кетдик. — Зелихон шундай деб ўрнидан турди.
— Ошни дамлади, еб олайлик.

Зелихон «кейин», деб ташқарига чиқди. Аҳадбей унга ноилож эргашди.

«Запорожетс»ни ўт олдириш учун итариб юргизишга тўғри келди. Машина ўтган йўлини кўк тутунга буркаб юрса ҳам, манзилга етиб олди. Ҳашаматли уй, юк машинасига мўл ишланган катта дарвоза олдида «Запорожетс» ўйинчоққа ўхшаб қолди.

Селим деганлари узун бўйига монанд қорин қўйган, қаддини тик тутиб юрувчи йигит, ҳовлида Зелихонни кўриб, дастлаб танимагандай қаради, сўнг бирдан чеҳраси очилиб, қучоқ очиб келди.
— Зели оға, тушимми ё ўнгимми? — деб қаршилади. Кенг ҳовли атрофига уйлар солинган, худди қўрғонга ўхшарди. Мевали дарахтлар тартиб билан экилган, кунга қараган уй рўпарасига темир қувурлардан токсўри ишланган.

Селим уларни кенг уйга бошлаб кирди. Меҳмонхона шифтининг ўртасида катта биллур қандил. Тўрт чеккасига эса, айнан шу қандилнинг кичик нусхалари осилган. Йигирма киши бемалол давра қурадиган устолда дастурхон безоғлиқ эди.
— Оғажон, соғинтириб юбордингиз-ку? — деди Селим жилмайиб.
— Қаердалигимни билмасмидинг? — деди Зелихон.
— Билардим.
— Билсанг нимага сўрайсан. Чиқиб келдим. Хизматинг бўлса, айт.
— Хизматни қўйинг, оғажон. Хизматда мана, биз бўламиз. Сиз иззатда.
— Ишларинг қалай? Ўзбеклар ғашингга тегишмаяптими?

Кутилмаган ташрифдан ажабланиб турган Селим бу саволга қандай жавоб беришни билмай, иккиланди.
— Тўғрисини айтавер.
— Бу ер ўзимнинг қўлимда. Лекин... Ҳосилбойвачча деганни эшитганмисиз? Ўшанинг одамлари кўз очирмайди. Қонимни сўриб ташлашди.
— Шуни Федяга айтдингми?
— Қайси Федяга? — Селим шундай деб «Сотдингми?» деган маънода Аҳадбейга қаради.
— Аҳадбейга қарама, менга қараб жавоб бер. Федяга нима дединг?
— Шуни айтдим.
— Ёрдам бер, дедингми?
— Ҳа.
— Аҳмоқсан. Пулинг кўп-у, аммо ақлинг кам. У нима деди, ўзим тинчитаман, дедими?
— Ҳа.
— Сен бу ердан кўчиб кет.
— Нега энди?
— Қирғиннинг уясига чўп суқиб қўйибсан. Келиб-келиб Федядан ёрдам сўрайсанми?
— Кимдан сўрай бўлмаса?
— Кучинг етса ишла. Бўлмаса яғир бўлиб юравер.

Зелихонга айрим нарсалар аён бўла бошлаган эди.

Шу учун Селимнинг меҳмондорчилигига унамади. Аҳадбейникига ҳам кирмай Фарғонага жўнади. У Федяни қаердан топишни биларди.

2

Ҳар бир мамлакатнинг ўзига яраша қонуни, қоидаси бўлади. Фуқаро қонун-қоидаларга итоат этиб яшайди. Худди шунга ўхшаб, биз жиноятчилар деб атовчи оламнинг ҳам ўз қонунлари, тартиб-қоидалари бор. Улар биз жорий этган қонунларни сариқ чақага олишмайди. Шу сабабли уларни таъқиб қиламиз, ҳибсга оламиз, ҳукм чиқарамиз. Дарёга тўғон солингани билан сув орқасига қараб оқмайди, тўлиб-тошиб, йўлида давом этаверади. Агар тўғон заиф ақл билан қўйилган бўлса, тўпланган сув уни бузиб кетади. Ҳайқирган жунун сув тўлқинлари элни анча бесаранжом қилиб қўяди.

Зелихон яшайдиган олам ҳам шунга ўхшайди. Унинг фуқароси кам, аммо қонуни пухта. Уларда «ахлоқ тузатиш колониялари» йўқ. Улар «ахлоқ тузатиш» билан шуғулланишмайди. Уларнинг ҳукми битта — қонунни буздингми, хиёнат қилдингми, биродарингни қутқармадингми, тамом, жонинг билан жавоб бер.

Бу ёзилмаган қонун-қоидаларни сув қилиб ичиб юборган Зелихон қаерда, қандай ҳаракат қилишни, ким билан қандай гаплашишни яхши билади. Қайси ўғрини қаердан топишни, қайси хоним кимга ҳам бошпана, ҳам қучоғидан жой бериши мумкинлиги унга маълум. У «Федяни ўзим топаман», деб бекорга айтмади.

Зелихон Аҳадбейнинг «Запорожетс»идан тушиб, бир йўловчи машинани тўхтатди-да Фарғонага қараб кетди. Тўрт қаватли иморатлар орасига тирсак шаклида тушган бино унга яхши таниш. Иккинчи қаватдаги эшик ўзгарибди. Илгаригисига чиройли чарм қопланган эди. Буниси темирдан бўлибди. Зелихон эшик қўнғироғини уй бекасига таниш бўлган тарзда босди. Қўнғироқнинг иккита қисқа, учта узун жиринглашини эшитган бека эшикни бехавотир очиши мумкин. Кутилгандай бўлди. Эшик аввал қия очилди. Бека таниш одамни кўриб, эшикни каттароқ очди-да, ўзи орқасига чекинди. Зелихон одатига кўра атрофга аланглаб олгач, тезгина ичкари кириб, эшикни ёпди.
— Зеля, яхши келдингми? — Бека шундай деб унга яқинлашди-да, кўкрагига бош қўйди.
— Надуля, ўзинг омонмисан? — деди Зелихон, унинг елкаларини силаб.

Ҳали қирққа кирмаган бу жувон тароватини йўқотмаган, қучоқласа қучоқлагудай, ўпса ўпгудай эди. Зелихон вақтида у билан айшини сурган. Аммо улар орасида муҳаббат, ҳамиша бирга бўлиш туйғуси йўқ эди. Юрак юракка талпинмаган. Зелихон бу тўшакда бир неча соат илгари бошқа эркак ётган бўлиши мумкинлигини биларди. Надя ҳам бу чиройли йигитнинг ҳозиргина бошқа аёл қучоғидан чиқиб келаётган бўлиши мумкинлигини биларди. Дарвин деган зот худди шу тоифа одамларга қараб туриб, «одам маймундан пайдо бўлган», деган назарияни яратган бўлса не ажаб? Булар Оллоҳнинг эмас, балки ҳирснинг бандалари эдилар. Одам боласига Яратган яхши туйғулар ҳам берганини билмас эдилар. Шундай туйғу бўлмагани учун ҳам бир неча йил эмас, бир неча соатгина кўришмаган танишлар сингари омонлашдилар.

Меҳмонхонадаги стол усти душман пайҳон этган қишлоқ манзарасини эслатарди. Бу Зелихонни ажаблантирмади. Чунки у бунда дурустроқ манзарани кўрмаган.

Надя Зелихоннинг рўпарасига ўтириб, икки қўлини жағига тираб, унга тикилди.
— Кўринишинг бинойи. Курорт ёқибди, — деди жилмайиб.
— Сенинг дуоларинг етиб борди, — деди Зелихон ҳам жилмайиб. — Мени соғиниб, ичикиб қолибсан.
— Сени деб ичиксам арзийди.
— Нима иш қиляпсан?
— Ўзинг билган иш.
— Ким билан ишлаяпсан?
— Суварак билан.
— Кунинг шунга қолдими?

Надя «нима қилай бўлмаса?» дегандай елка қисиб қўйди-да:
— Ичасанми? — деб сўради.
— Борми?
— Сенга бор. — Шундай деб ичкари хонага кириб кетиб, дам ўтмай бир шиша ароқ кўтариб қайтди. Зелихон шишани унинг қўлидан олиб, чаққонлик билан очди-да, иккита қадаҳга қуйиб, биттасини аёлга узатди.
— Эсон-омон қайтиб келганинг учун, — Надя шундай деб бир ҳўплаб қўйди.

Зелихон қадаҳни бир кўтаришда бўшатди.

Иккинчи қадаҳдан сўнг аёлнинг ёнига ўтиб, уни қучоқлади.
— Энди эсингга тушдими? — деди Надя нозли ва гинали овозда. Зелихон жавоб бермай, бақбақасига лаб юборди. Унинг назарида Федянинг қаердалигини шу аёл билиши керак эди. Тўғридан-тўғри сўраса, айтмаслиги ҳам мумкин эди. Шу сабабли мақсадга аёлларга ёқадиган йўлдан юриб боришни маъқул кўрди. Надя ийиб, тўшакка ётишга тайёр бўлганида «Федя қаерда?» деб сўради. Кўзлари сузилиб турган аёлнинг қошлари бирдан чимирилди.
— Шунга келувдингми? — Надя Зелихонни кўкрагидан итарди. Зелихон эса аксинча, уни маҳкамроқ қучди. Надя унинг қучоғидан чиқишга уринди, охири бўшашган ҳолда, ёпиқ эшикка қаради. — Шуни кейинроқ сўрасанг ҳам бўлади-ку? Ана, ётибди. Ғирт маст.

Зелихон уни қучоғидан бўшатиб, эшикни очди. Юзтубан ётган, чап қулоғининг остидан оғзигача тиртиғи бўлган бу йигитни дарров таниди. Ичкари кириб эшикни ёпди-да, «Федя», деб чақирди. У бир текисда нафас оларди. Мастга ўхшамасди. Зелихон уни яна чақирди, сўнг унинг маст уйқуда эканига гўё ишонч ҳосил қилгандай, пиджагининг чўнтагига қўл юборди. Янги паспорт, озод этилгани ҳақидаги гувоҳномани кўргач, боя кўнглига оралаган шубҳа ҳақиқатга айлана бошлади.

У Федянинг бош томонига ўтиб ўтирди-да, худди ўзи билан ўзи гаплашаётгандай гапира бошлади:
— Менинг Бўри деган бир дўстим бўларди. Ароқ дарё бўлиб оқиб келса, шимириб қуритарди. Аммо ўзи сира маст бўлмас эди. Қамоқда бузилибди, бечора. Энди... одам сотилганидан кейин шунақа бўлиб қоларкан-да. Худо раҳмат қилсин, сени Федя. Номингни тоабад унутмаймиз, дея олмайман. Сотқинларни эсламаймиз, ўзинг биласан-ку...

Шу гапдан кейин Федя бир қимирлаб олди.
— Сотқин эмасман, — деди ётган ҳолича.
— Бошингни кўтар, Федя, мендан уялма.

Федя бошини кўтариб, тирсагига тиралди.
— Нимага келдинг?
— Иш бор эди. Чиқиб келганингни эшитиб, хурсанд бўлувдим.
— Қанақа иш?
— Энди сенсиз битадиган иш.
— Мени сотқин дема, Академик, мен бировни сотганим йўқ.
— Қочдингми? Қочганга ўхшамайсан?
— Ишинг бўлмасин. Йўлини қилиб чиқдим.
— Мен билан ишлайсанми?
— Йўқ.
— Нимага?
— Ўзимнинг ишим бор. Агар хоҳласанг... мен билан ишлашинг мумкин. Яқинда катта ов бўлади.
— Қаерда?
— Қаердалигини вақти келганда айтаман.

Эшик қўнғироғи жиринглаб, уларнинг суҳбатлари узилди. Бир оз фурсат ўтгач, эшик қия очилиб, Надя кўринди.
— Федя, келди айтганинг.

Федя ўрнидан туриб меҳмонхонага чиқди. Зелихон унга эргашди. Меҳмонхонада сочлари пахмайган, қадди келишган бир қиз турарди.
— Ёшинг нечада? — деб сўради Федя унга тикилиб.
— Ўн еттида, — деди қиз, бу саволдан ажабланиб.
— Зеля, бу товуқни топиб келган матахини қара. Менинг куним энди қари кампирларга қолибди-да, а? Жўна, кўзимга кўринма!

Қиз лабини чимириб, шарт бурилган чоқда, Зелихон уни тўхтатди.
— Надуля, бу менга насиб қилган экан. Бизга ўхшаган чолларга қари кампирлар ҳам бўлаверади.

Федя Зелихоннинг олдида олифтагарчилик қилмоқчи эди. Оғзидаги нонни олдириб қўйиб пушаймон еди-ю, аммо сир бой бермади.

XX боб

1

— Ҳосилбойвачча деганлари мен бўламан. Бир томони қайнотангиз билан ака-укалигимиз бор. Бир томони йигитнинг сўзи қайтгунча шайтоннинг бўйни узилсин, дейишадими?

Шу гапдан кейин Элчин ўйланиб қолди. У Ҳосилбойвачча деганларини эшитган, қўчқорларнинг бири шу эканини ҳам биларди. Аммо ўзини кўрмаган эди. Озғин юзидаги катта юмалоқ кўзлари болакай чизган суратни эслатувчи, қалдирғоч мўйловли, қирра бурунли бу йигит ўзига эринмай зеб берган эди. Кийимларининг тахи бузилмаган, бирон ерда ғижимнинг асорати йўқ, худди у ҳеч ерда ўтирмайдигандай, суянмайдигандай эди. Иккала қўлининг бармоқларида биттадан тилла узук. Бу одамдан таралаётган атир ҳидига димоқ ёрилиб кетай дейди. Элчинни ҳайрон қолдирган нарса бу эмас, бундай олифта юрувчилар кўп. Элчин тўйга айтиб келган бу йигитни зимдан кузатиб, унинг киприк қоқмаслигини илғади. Ўқдай қадалиб турган нигоҳдан одам боласида кам учрайдиган совуқ ўт чақнаб турарди. Бу нигоҳ «сенга яхшилик қиламан» деб алдай олмасди. У тўғрисини айтарди: мендан фақат ёмонлик кут!

Элчин Ҳосилбойваччанинг таклифини эшитгач, кеча Асадбекнинг қидириб келгани сабабини англади. «Демак, Асадбек бу таклифдан огоҳ. Демак, бу одамга хизмат қилишимни истамайди. Нима учун? Ғайирлиги келганми? Обрўйига путур етишини билганми? Кимсан, Асадбекнинг куёви Ҳосилбойваччанинг хизматида бўлса?!»
— Мен ноз қилаётганим йўқ, ака, — деди Элчин, ўзидан икки-уч ёш кичик бўлган Ҳосилбойваччага. — Акахонингиз сизга қадрдон бўлсалар, тўйларига зўрроқ ашулачиларни олиб борганингиз яхшими, дейман-да. Мен анча четга чиқиб қолганман. Биров эслайди, биров эсламайди. Ғулом келибди ё Шерали келибди, деган гап қаёқда-ю, алмисоқдан қолган Элчин келибди, деган гап қаёқда?
— Бунчалик паст кетманг. Арзимасангиз ўзим келмас эдим.

Элчин бу гапдан «Мен унча-бунча одамни таклиф этмайман», деган маънони уқди. У Асадбекнинг мақсадини англагандай эди. Аммо шунча ўйласа ҳам Ҳосилбойваччанинг асл нияти нима эканини билолмади. Ҳар бир катта-кичик тўданинг, ҳатто гап ейдиган кичик улфатнинг ўз қўшиқчиси бўлади. Элчин Асадбек тўдасига тегишли, ҳатто улар уни ўз мулкидай кўришар эди. Ҳосилбойваччаларнинг ҳам ўз мулки — қўшиқчиси бор. Тўйга Ҳасанали келармиш, дейилса, одамлар унинг йўлига ҳафталаб кўз тикишади. Ана шундай машҳур ашулачи турганида Элчин нимага керак бўлиб қолди? Элчин таклиф замирида қандайдир қитмирлик ётганини фаҳмла-ди-ю, қисқа фурсатда ўша «қандайдир» нима эканини англай олмади.
— Катта бошингизни кичик қилиб келибсиз, биз нима дердик. Касбимиз яхшиларга хизмат қилиш.

Ҳосилбойвачча юзини жилмайиш эпкини силаб ўтди. Бу қувониш эмас, ғолиб одамнинг мағрур жилмайиши эди.

2

Элчин тўйга борибди?!

Асадбек бу хабарни эшитиб, тутоқиб кетди. У «Элчин сал бўлса-да, эсини йиғиб олди», деб янглишганини билди. «Кўзи кўр, ақли паст экан, — деб ўйлади Асадбек, — бу таги пастга олов билан ўйнашишни ким қўйибди?»
— Тўйда аҳвол қанақа экан? — деб сўради Асадбек, ўзини бир оз босиб олгач.
— Улоқ Ҳасаналидамиш. Элчинга пул қистиришмабди, — деди Чувринди.
— Ҳа, тулки! — Асадбек ўрнидан туриб, эшик томон юрди. — Кетдик.
— Сиз бормаганингиз маъқул, — деди Чувринди, жойидан жилмай. — Мен йигитларни юбордим. Ўзлари тинчитишади.

Асадбек тўйхонага кундузи бориб муборакбод этиб, совға-саломини бериб келган эди. Унинг кечки зиёфатларга келмаслиги кўпчиликка маълум, шу учун ҳозир борса, мағлубиятини бўйнига олган бўлиб чиқади. Чувринди буни олдиндан ҳисоб-китоб қилиб қўйган эди. Асадбек унинг мақсадини дарров тушуниб, жойига қайтди.
— Сиз ташвишланманг. Бир жиҳатдан шундай бўлгани ҳам дуруст. Бурнига сув кирса, кейин қадрингизга етади, — деди Чувринди.

Асадбек хабарни эшитиб, титраб ўтирган пайтда Элчин тўйда ёниб қўшиқ айтарди. У даврага биринчи чиқишидаёқ бу ерга шарманда бўлиш учун келганини англади. Ундан олдин Ҳасанали чиққанида уни қийқириб қарши олишди. Ҳасанали ўртага чиқиб, худди тсирк артистидай бир қўлини юқори кўтариб таъзим қилди. Олқишлар тингач, унга торни икки қўллаб узатишди. У арзимаган бир одамнинг мактубини олаётган подшодай қаддини ғоз тутиб, торга қўл узатди. Шу онда Ҳосилбойвачча унга яқинлашиб, устидан пул сочди. Ҳасанали ашула айтиб эмас, пул сочишдан, қистиришдан чарчади. Навбат Элчинга етганида тўйхонада олқишлар янграмади. Пуллар сочилмади. Ташқаридан қараган одам барча пул аввалги ашулачига сарф этилиб тугабди-да, дейиши мумкин эди.

Элчинга бу усул маълум. Ашулачини хор қилишнинг энг маданий йўли шу. Бундан бир вақтлар Асадбек ҳам фойдаланган. Элчинни бошлаб бориб, унинг обрўйини ошириш, тўй эгаси чақирган ҳофизни ер қилиш учун шу усулни қўллар эди. Ҳосилбойвачча акс йўл тутди: ўзи айтиб келган қўшиқчини ўзи хор қилди. У атайин даврага чиқмади. Худди Элчиннинг ашуласини эшитмагандай улфатлари билан чақчақлашиб ўтираверди. Элчиннинг раққосаси — тўйларда юравериб кўзи пишган жонон жувон — Ҳосилбойвачча ўтирган ерга бориб минг муқом қилди, минг ишва билан сузилди, фойдаси бўлмади.

...Ана шу пайтда Асадбекка хабар кетган эди...

Элчин иззати битганини билиб, тўйдан чиқиб кетмоқчи ҳам эди. Бироқ ўзини тутди. Шармандалик юкини ортмоқлаб чиқиб кетгандан кўра охиригача чидашга қарор қилди. Ҳозир чиқиб кетса — уларга шу керак — ғолиблик жомини сипқоришади, кетмай ўтираверса, чиқиб ашуласини айтаверса, улар ажабланишади, балки хавотирга ҳам тушиб қолишар.

Элчин тўйхонада ўзининг калака қилинаётганидан бир эзилса, икки тўда орасида қўғирчоқ бўлаётганини англаб, минг эзилди. «Бунга аввалроқ ақлим етиши керак эди», деб ўзини ўзи айблашдан ўзга чора топмади. У даврага иккинчи марта чиққач, атайин мунгли ашулани айта бошлади. Ширакайф йигитлар келиб, «шўхроғидан бўлсин», деб қулоғига шивирлаб кетишса ҳам парво қилмади. Тўйда яйраб, ўйнайман, деб келган қизлар, йигитлар бетоқат бўлишди. Ҳосилбойваччанинг даврасидагилар ҳам у томонга бир-икки қараб қўйишди. Ҳозиргина қизиётган тўй совий бошлади. Тўй тўйга эмас, маърузачининг гаплари ёқмай ғўнғир-ғўнғир бошланган мажлисга ўхшаб кетди. Ҳосилбойвачча ўрнидан туриб, Элчин томон бир қадам қўйгач, тўхтади. Элчин унинг тўхтаб қолиши сабабини рўпарасида Жамшид пайдо бўлгач, англади. Жамшид ашуладан маст бўлган одамдай жилмайиб қўйди-да, чўнтагидан бир даста пул чиқариб Элчиннинг устидан сочди. Жамшиддан сўнг яна икки нотаниш йигит сочди. Ана шунда Ҳосилбойвачча чўнтагига қўл тиқиб ўрнидан турди. Ана шунда Элчин ашулани ниҳоясига етказмай узди-да, жойига қайтди.

Уни тўй охиригача даврага чорламадилар. У эса ўзини эркин тутган бўлиб, еб-ичиб ўтираверди. Шерикларининг савол назарларига «хотиржам бўлинглар», деган маънода им қоқиб қўяверди.

Тўй тугаб, келин-куёв кузатилгач, Ҳосилбойвачча Элчин ўтирган устолга яқинлашди.
— Қалай, ҳофиз, уринтириб қўймадикми? — деди у, Элчиннинг елкасига қўл ташлаб.
— Маза қилдик, ака, — деди Элчин унинг кўзига тик қараб.
— Акахонни хурсанд қилдингиз, раҳмат, — у шундай деб чўнтагидан икки тахлам юз сўмлик чиқариб, устол устига ташлади. — Етадими?

Элчин заҳарли жилмайиш билан пулларга қаради. Бир тахламни олиб, ёнида ўтирган доирачига узатди-да, «Ўзинг бўлиб бер», деди. Сўнг иккинчи тахламни Ҳосилбойваччага узатди:
— Акахон, мен холис хизматга келганман.

Ҳосилбойвачча қошларини бир чимирди-ю, аммо сир бой бермади. Сўнг пулни олиб раққоса олдига ташлади.
— Ўйинингга беш кетдим.

У шундай деб бурилиб, изига қайтди.

3

Кўчада Жамшид кутиб турган эди. Элчин уни кўрмагандай ўтиб кетмоқчи бўлди. Аммо сергакликда унча-бунча одамга дарс бера оладиган Жамшид унинг йўлини тўсди.
— Сиз бу ёққа чиқинг, — деди, қатъий оҳангда.

«Демак, Асадбек олиб келишни буюрган», деб ўйлади Элчин. У бир тўхтамга келиб улгурмай, Жамшид орқароқдаги доирачига буюрди:
— Торни мана бу мошинга қўйинг. Ҳофиз акангиз биз билан бирга кетадилар.

Элчин Жамшид билан ғиди-биди айтишни ўзига эп кўрмай, машинага ўтирди. «Асадбекнинг кўзи учиб турган бўлса, унга айтадиган икки оғиз ширин сўзим бор», деб қўйди.

Жамшид одатига содиқ қолган равишда жим борарди. Орқа ўриндиқда ўтирган Элчин унга тикилиб, ўйларди: «Асадбек бу лайчасини атай юбордими? Энди менга нималар деб сасир экан? «Ҳосилбойвачча Асадбекнинг куёвини бир пул қилди», деган андишага чидай олмас ҳарҳолда...»

Элчин қамоқдан чиқиб келгач, ўзини ақлан тўлишган ҳис қиларди. «Атрофимда содир бўлаётган ҳар бир воқеага, айтилаётган ҳар бир гап-сўзга ақлим етади, кимга нима дейишни яхши биламан», деб ўйларди. Зоҳиран шундай. Ҳар бир инсон йил ўтгани сайин ўзини ақлли ҳис қилиб боради. Худди шу ҳис уни кўпга кулги қилади ёинки ҳаёт сўқмоғида чалиб йиқитади, йиқитганда ҳам бир умр мажруҳ қилиб қўяди. Тўғри, Элчин кўпни кўрди. Найранг нима, мунофиқлик нима, ваҳшийлик нима — ҳаммасига тирик гувоҳ. Аммо, бу найранг, бу мунофиқлик, бу ваҳшийлик, одам боласига ёт жамики иллатлар ранги кундан-кунга турланиб туришини ҳисобга олишни ўрганмади. Буни ўрганиши ҳам қийин. Бугун сариқ рангда тусланган ваҳшийлик эртага қайси рангда жило беради? Қорами? Яшилми?.. У Шилимшиқни ўлдирмоқ истагида юрганида қайси рангда эди. Бу жингалак сочли йигитга пичоқ санчаётганида қайси рангни афзал билади? Буни унинг ўзи ҳам билмайди. У ўзи сезмаган ҳолда икки гуруҳ ўзаро тепиб ўйнайдиган копток ҳолига тушди. Зимдан тайёрланаётган олишув саҳнасида бир зарра бўлиб қолганини у ҳали тушуниб етмасди.

Жамшид шоҳкўчадан тўғрига юрмай, чапга бурилгач, Элчин ажабланди. «Демак, бугун Асадбек мени кўришни истамайди. Демак, бу тун ўйланади, режа тузади. Асадбек қўлида қўғирчоққа айланганингиз муборак бўлсин, Элчинбой. Қасоскор эркак сизми эдингиз?» Элчин дарвозаси ёнида тўхтаган машинадан тушиб, торини қўлтиқлаган ҳолда қолди. Жамшид хайр ҳам демай, жўнаб кетди. Элчин чўнтагидан калит чиқарди-ю, қулфга солишга қўли бормади. Нима учундир уйига киргиси келмади. Кимгадир дардини айтишни истади. Унинг дардини ярим кечада ким эшитади? Зелихон бўлганида эшитарди. Лекин у Фарғонадан қайтгач, «зарур ишни» баҳона қилиб, Масковга жўнаб қолган. Элчиннинг дардини Анвар ҳам эшитиши мумкин. Лекин уйғотиб, хотини бағридан чиқиб унга қулоқ тутиш малол келса-чи? Элчин шу фикрларни хаёлидан ўтказиб, ўзини ночор, ёлғиз сезди. Атрофда «азизим, биродарим, дўстим...» дейдиган одамлар кўп. Аммо дардини эшитадиган инсон йўқ бўлса ҳам қийин экан. «Одамлар қамоқдан қўрқишади, — деб ўйлади Элчин. — Ахир шу ёруғ жаҳоннинг ўзи турма-ку? Ёнма-ён яшайсан, лекин бир-бирингга ишонмайсан. Бу Ер деганлари гуноҳкор бандаларнинг сургун муддатини ўтовчи жойи эмасми? Қамоқхонада ҳар бир барак ўзига хос бир мамлакат. Ҳар бир баракнинг ўз қонуни, ўз урфи, ўз подшоси бор. Ер юзидаги ҳар бир мамлакат қамоқхоналардаги бараклардан нимаси билан фарқ қилади? Диндорларнинг гаплари балки тўғридир? Одам боласи чиндан ҳам синов учун бу дунёда яшар? Синовдан ўтса — озодликка чиқади, жаннатга тушади. Ўтмаса жаҳаннам азобида қолади...»

4

Зайнаб эрини кутиб, ухламай ўтирган эди. Машина келиб тўхтаганини билди. Машина эшиги тез очилиб, тез ёпилди. Машина шитоб билан қўзғолди. Зайнаб отарчилар шилта йўллардан юрадилар, деб кўп эшитган эди. Эрининг тўйга боражагини билганидан бери, шу йўлда юриб келади, деган фикр унга тинчлик бермаётган эди. Дарвоза эшиги ҳадеганда очилмай, эри киравермагач миясига ўрнашган гумон ҳақиқатга айланаверди. Назарида эри ўйнаши билан тушиб қолиб, дарвоза олдида қучоқлашиб тургандай туюлаверди. Елкасига қалин рўмолини ташлаб, ташқарига чиқди. Девор олдига келиб, кўча томонга қулоқ осди. У кутган ҳансирашлар, пичирлашлар, ҳиринглашлар эшитилмади. «Машина қўшниларникига келгандир» — Зайнаб шу фикрда изига қайтмоқчи эди, кўча томонда Элчин енгил йўталди. Зайнаб сергак тортиб, яна қулоғини динг қилди. «Нимага кирмаяптилар?» деб ажабланди. Қанча ўйламасин, саволига жавоб тополмади. Кута-кута, охири эшикни ўзи очди.

Торини қучоқлаб ғариб аҳволда турган эрини кўриб, ҳайрати яна ошди. Элчин қўққис эшик очилганида бир чўчиб тушди. Айвонда ёниб турган чироқ нури бу ерга аранг етиб келарди. Шу сабабли Элчин хотини кўзидаги ажабланишни сезмади. Зайнаб ҳам эрининг кўзидаги ҳайронлик аломатини илғамади.
— Зайнаб? Тинчликми? — деди Элчин. Унинг тили гапга келмай, овози соқов одамникидай ғўлдираб чиқди. Зайнаб «маст экан», деган хаёлга бориб, паст овозда:
— Тинчлик, — деди, — киринг...

«Кутаётган экан!» Шу фикр Элчиннинг кўнглини ёритиб, елкасидан босиб турган дардни қувгандай бўлди. Остона ҳатлаб ўтиб, эшикни ёпгач, бир қўлини хотинининг белига юбориб, уни ўпмоқчи бўлди. Зайнаб юзини олиб қочди, ўптирмади. Элчин буни нозли араз ўрнида қабул қилиб, кўнгли янада равшанлашди. «Шунчалик кутдими, шунчалик аразладими, демак, яхши кўради» деган қарорга келди. Ичкари кириб плашчини ечгач, уни яна қучмоқчи бўлди. Зайнаб бир тўлғониб унинг қучоғидан чиқди-да:
— Аввал ювининг, — деди.

Бу гапдан сўнг Элчиннинг устидан совуқ сув қуйилгандай бўлди.
— Сен ҳали... мени шунақа саёқ... шалтоқ деб ўйлайсанми?!

Зайнаб эрининг кўзларига қараб бир олам ғам кўрди. Яна бир гап айтса, назарида эри йиғлаб юборадигандай туюлди. Гапи қўпол чиққанини англаб, юмшатишга ҳаракат қилди:
— Фақат саёқ одам ювинадими? Бегона жойларда ўтирдингиз, бегона одамлар билан кўришгансиз... Дарров эгриликка олманг-да... — Шундай деб эрининг юзини силаб қўйди. Элчин бу юмшоқ қўлнинг тафтини сезмади. «Бугун ўзи тупроққа қориштирадиган кун экан», деб ҳаммомга қараб юрди.

5

Элчин ювинаётган маҳалда Анвар ширин уйқуда эди. Бирдан уйғонди. Уйғонганда ҳам сергак, тиниққан ҳолда уйғонди. Бирпас жим ётди. Пешонаси қизий бошлагач, ўрнидан туриб меҳмонхонага чиқди. Деразадан тушиб турган нурни кўриб, шошиб эшикни ёпди.
— Сени биз уйғотдик, — деган ёқимли овоз келгач, нур устига оёқ қўймоқчи бўлди.
— Сени ҳозир олиб бормаймиз, — деди яна ёқимли овоз.
— Мен Зуннуний билан учрашмоқчиман, сўрайдиган гапларим бор.
— Ердаги ҳаёт билан видолашганингдан кейин учрашасан.
— Асқар Қосим билан-чи?
— У билан ҳам... Сен бизнинг борлигимизга ишондингми?
— Ҳа.
— Ердаги ҳаёт билан хайрлашишга тайёрмисан?
— Йўқ.
— Нима учун?
— Одам ўзини ўзи ўлдириши осон эмас. Мен ҳаётдан тўйганим йўқ.
— Бугун бўлмаса эртага тўясан. Холидий энди баттар авжига чиқади. Атрофдагилар сени талашади. Кўз очиришмайди. Сен ўзгаришларга ишониб хато қиляпсан. Одам эгнидаги либос ўзгаряпти, юрак эмас. Шунга ақлинг етмайдими?
— Билиб турибман... лекин менга озгина муҳлат беринг.
— Вақтни чўзма. Билиб қўй: дўстингнинг дўсти хавф остида, йўлдан қайтмаса, ҳалок бўлади.
— Ким?
— Дўстингнинг дўсти...

Шу гапдан кейин нур чекиниб, хона қоронғилашди. Анвар ҳолсизланиб, устулга ўтирди. Нурнинг жумбоқли гапи уни ташвишга солди. Дўстимнинг дўсти ким экан, деб ўйланди. «Дўстга ўхшаб юрганлар кўп. Ҳаммасини огоҳлантириб чиқаманми? Ё энг яқин, энг чин дўстларними? Йўлдан қайтмаса ҳалок бўлади... Қанақа йўлдан? Бирови амал талашаётгандир, бирови мол-дунё қайғуси билан яшаётгандир, бирови бошқасининг чиройли хотинини йўлдан урмоққа киришгандир... Қайси бири ҳалок бўлади? Нур нима учун мени огоҳлантирди? Дўстимнинг дўсти ҳалок бўлишини истамади. Аммо мени шоширяпти. Мен унга «ҳаётдан тўймадим», дедим. Шу гапдан аччиқланиб, дарров ғойиб бўлдими? Мен... ҳаётдан тўймадимми?..»

«Ҳаётдан тўйиш» деган гап тилдан осонгина учади. Шу иккитагина сўздан иборат тушунчанинг ўқ илдизини топиш эса жуда мушкул. Ҳар ким ҳаётдан ҳар хил лаззат олади. Кимдир маишатдан, фоҳишалар даврасида яйраб тун ўтказишдан, бошқа биров эса ана шу ҳаром йўлга юрмаганидан лаззатланади. Кимдир тўплаган мол-дунёсига қараган сайин кўзи қувнайди, бошқаси тешик тоғорага қараб, қорин ва нафс бандаси бўлмагани учун Яратганга шукр қилади.

Худди шунга ўхшаш, ҳаётдан тўйиш ҳам турлича. Биров мол-дунёсидан айрилса, ҳаётдан тўяди. Биров ҳақсиз дунёдаги найранглардан тўяди... Анвар нимадан тўйсин? Холидийнинг ҳийлаларига чидай олмаганини ошкор этиб, бу дунёдан кетворсинми? Дунёни Холидийларга ташлаб қочсинми? Асқар Қосим кетди. Нима ўзгарди? Ким инсофга кирди? Кимнинг кўзи очилди? Унинг исёнини ким англаб етди?

Анварнинг хаёлига шу гаплар келиб, беихтиёр ўрнидан турди. Дераза олдига бориб, осмонга қаради. Осмон тунд. Юлдузлар кўринмайди. Булут ортига яширинган юлдузни хаёлан кўз олдига келтириб, унга мурожаат этди:
— Мени олиб кетсаларинг яхши бўларди. Зуннуний билан гаплашардим. Асқар Қосимдан сўрайдиган гапларим бор эди. Ўзимни ўлдиришим қочмайди. Орқамдан чирқираб қоладиган бир этак болаларим йўқ. Ҳаётдан умидим ҳам йўқ. Аммо ҳозир бир адолатни тиклаш имкони туғилганида, қочиб қолиш номардликда. Ўлимдан қўрқаётганим йўқ. Ўлганимдан сўнг Холидийларнинг хурсанд бўлишларини истамаяпман. Менга фурсат беринг. Озгина фурсат...

XXI боб

1

Ёниб кетган машинадан топилган тунукача темир йўл бекати юкхонасининг белгиси экан. Тунукачага зарб этилган рақам бўйича иккита катта жомадон сақланарди. Жомадонлар харидоргир кийим-кечаклар билан тўла эди. Трамвай паттасидаги рақамларга қараб иш юритиш қийин бўлди. Ниҳоят, автомат юкхоналардан иккитасининг тилсими ечилди. Икковида бир хил қора сумка турар, иккови ҳам қумли халтачалар билан тўла эди. Таркибида олтин бўлган қум қаердан олингану кимга сотилиши керак? Маёр Солиевни ҳам, Зоҳидни ҳам шу жумбоқ гаранг қилди.
— Бойлиги миллион сўмдан кам эмас, — деди Солиев ўзича чамалаб. — Булар сотганларидан қолганлари. Шунча пули бор одам таксини ўғирлаб юрарканми?
— Таксопаркдагиларни қўрқитиб олган бўлса-чи?
— Унда нима учун айтишмаяпти? Комиловнинг ҳаракатига ҳам тушуниб бўлмаяпти.
— Бойлик балки уники эмасдир? У бирор кишининг ёки гуруҳнинг дастёри бўлса-чи?
— Дастёр бўлганида бойликнинг изига тушишарди. Уй бекаси келдими, гаплашдингми?
— Йўқ. Икки марта чақиртирдим. Бугун Толиповни юбордим, олиб келади.

Зоҳид ҳам, маёр ҳам калаванинг учини топмоқ учун турли тахминларни ўртага ташлашар эди. Ҳозир, бошлари қотиб турганида сиз бориб: «Қотил санъаткор, у ўчини олди», десангиз, сира ишонмайди. Чунки миллион сўмлик бойликка эга одам оддий қасос қурбони бўлиши мумкинлиги кам учрайдиган ҳодиса.

Солиев Зоҳид билан хайрлашиб, ўрнидан турган чоқда телефон жиринглади. Ҳамдам Толипов Шилимшиқ яшаган уйнинг бекаси уч кун бурун, яъни тинтувнинг эртасига жомадонларини кўтариб кетганини, йўлда учраган қўшнисига «Чет элга кетяпман», деганини маълум қилди. Бу хабарни эшитган маёр Солиев жойига қайтиб ўтирди-да, «нима қиламиз?» деган савол назари билан Зоҳидга тикилди. Зоҳид бундай бўлишини кутмаган, чунки Сангинанинг хатти-ҳаракати унда шубҳа уйғотмаган эди.
— Биздан қочадиган даражада кўп нарса биларканми? — деди Зоҳид паст овозда, худди ўзига-ўзи гапиргандай.
— У қотилликдан балки бехабардир. Лекин беихтиёр ҳолда қотиллар йўлини кўрсатиб қўйиши ҳам мумкин бўлган. Комиловни бу уйга ким жойлаштирган? Шу одамни топиш керак.
— Ўринбосар-чи? — Зоҳид шундай деб телефон гўшагини кўтариб, рақам терди. — Балки уни ҳам...

Бошлиқ Зоҳиднинг овозини таниб, қуюқ ҳол-аҳвол сўради. Кейин худди Зоҳиднинг мақсадини билгандай, қўшиб қўйди:
— Тожимуллаевнинг сал тоблари йўқ шекилли. Кеча телефон қилиб, узрларини айтувдилар. Бугун ҳам кўринмадилар. Уйларидан сўраб кўрайми?
— Ҳа. Иложи бўлса, бир келиб кетсинлар, — Зоҳид шундай деб гўшакни жойига қўйди.
— Уйига бориш керак, — деди Солиев.
— Ҳозир, билайлик-чи? Ростдан тоби қочганми ё айёр касалмикин?
— Касал бўлса майли-я, у ҳам «чет элга» жўнаб қолмаганмикин?

Шу пайт телефон жиринглаб, уларнинг тусмолли суҳбатларини узди. Телефон гўшагидан Бошлиқнинг хавотирли овози эшитилди:
— Уйда йўқ, кеча «сафарга кетдим», деб чиққан экан.
— Ҳозир етиб борамиз. — Зоҳид гўшакни жойига қўйдию Солиевга савол назари билан қаради.

Саросимага тушган Бошлиқ хонасига сиғмай, уларни кўчада бетоқат бўлиб кутарди. У салом-аликни ҳам унутиб, янги хабар билан қаршилади:
— Кеча эрталаб ишга келганини фаррош кўрган экан. Унга ҳам сафарга кетяпман, дебди.

Ўринбосарнинг қабулхонасида ёши етмишларга бориб қолган озғин кампир ўтирган эди. Солиев унинг ёнидаги бўш стулга ўтирди. Зоҳид дераза томонга ўтди.
— Тожимуллаевни соат нечаларда кўрдингиз?
— Секкиз булмағон эди. Мин убират этиб юрғон эдим. Келиб, Ани, чиқиб туринғиз, дедилар. Чиқиб турдим.
— Менга соат етти яримда қўнғироқ қилиб, тобим йўқ, девди...

Солиев Бошлиқнинг луқмасига эътибор бермай фаррош билан суҳбатини давом эттирди:
— Кўриниши қандай эди?
— Нормалний эди.
— Бир нарсадан жаҳли чиққани сезилмадими ё шошиб турганмиди?

Кампир бироз ўйланди.
— Немножко нервничат этти. Минга «Салом, Ани», деди, и всё. А то, яхши сурашар эди. Здровямни, семямни сурар эди.
— Ичкарида нима қилди? Масалан, темир жавонни очиб-ёпгани сизга эшитилмадими?
— Йўқ, ҳич нарса ишитмадим. Нў, чиғиб кетғонларидан сунгра қарасам, сейфда клучлари турибди. Мин удивлятся эттим. Клучни олиб, устолларига спрятат эттим.
— Қаерга, кўрсатинг.

Кампир туриб, ёзув устолига айланиб ўтиб, пастдаги тортмага қўл юбормоқчи бўлганида, маёр уни тўхтатди:
— Ани, бўлди, қўл урманг. Тожимуллаев қайси шаҳарга кетаётганини айтмадими?
— Вроде Бухара деди.

Маёр Солиев Зоҳидга савол назари билан қаради. Зоҳид унинг нима демоқчи бўлганини англаб, Бошлиққа имлаб қўйиб, қабулхонага чиқди-да:
— Телефонингиздан фойдалансам майлими? — деб сўради.

Саросимаси босилмаган Бошлиққа бу илтимос улуғ бир лутф бўлиб туюлиб, хона эшигини очиб, бироз таъзим қилган ҳолда «марҳамат», деди. Зоҳид, эшик оҳистагина ёпилгач, телефон гўшагини кўтарди. Аввал экспертиза хизматини чақирди. Кейин Ҳамдам Толиповни топди-да, аеропортга бориб, Тожимуллаевнинг қай томонга учганини аниқлашни топширди. Ўринбосарнинг хонасига қайтганида Солиев фаррошни ҳамон саволга тутарди:
— Тожимуллаев қанақа машинада келди, кўрмадингизми?
— Вроде таксида келди, — фаррош шундай деб, «адашмадимми?» дегандай бошлиғига қараб қўйди.
— Хизмат машинасини қисқартирганмиз. Таксида келган бўлиши мумкин, — деди бошлиқ, аниқлик киритиб.

Солиев кампирни бошқа саволга тутмади. Унга ижозат ҳам бермади. Экспертлар етиб келишгач, кампир билан бошлиқнинг гувоҳлигида темир жавон очилди. Устолнинг тортмалари тинтиб кўрилди. Бирон-бир ашёвий далил топилмагач, Тожимуллаевнинг уйига йўл олишди. Данғиллама қилиб солинган иморат ичи қашшоқ кўринишда эди. Паркет поллардаги, деворлардаги изларга қараб, узоқ вақт гилам тўшалган, осилган эканини пайқаш қийин эмасди. Деворни энлаб турган хориж жавонининг токчалари ҳам ғарибгина кўринишда. Гарчи чанг-чунг артилган бўлса-да, бу токчаларда нималар турганини аниқлаш эксперт учун чўт эмасди. Солиевни ҳозир бу нарсалар қизиқтирмас эди. Шу сабабли уларни ишга солмади. Тожимуллаевнинг хотини аввалига ўзини гўлликка солди. «Қайдам, билмайман, қаёққа кетаётганларини менга айтмадилар», деди. Зоҳид Тожимуллаев хавфли ўйинга аралашиб қолганини, ҳаёти хавф остида эканини айтгач, йиғламсираб туриб:
— Бухородалар, — деди. — Бугун телефон қилдилар. Хавотир олма, дедилар.
— Қаерда туришлари маълумми?
— Ҳа, холаваччалариникида.
— Манзилини айтинг.

Зоҳид аёл айтган манзилни тез-тез ёзиб олди-да, телефон турган хонага ўтди. Ярим соат ўтмай, телефон жиринглаб, Тожимуллаев топилгани маълум қилингач, улар идорага қайтишди.
— Тез топилганига ҳайрон бўляпман, — деди Зоҳид, йўлда бора туриб.
— Тожимуллаев соддамуғамбирга ўхшайди. У ишдан ишкал чиқишидан қўрқмаган. Уни чўчитишган бўлишлари мумкин.
— Ким, Комиловни ўлдирганларми?
— Балки.
— Унинг қотилликка аралашганига ишонгим келмайди.
— Бевосита аралашмагандир. Лекин у бизга Комилов яшаган уйни кўрсатиб бериб нодонлик қилди. Ҳар ҳолда у биздан қочмаган. Қидириб, топиб, қўлга олишимизни ўзи истаган. Биздан қочганда фаррошга «Бухорога кетяпман», демас эди.
— Ўзининг соясидан ҳам чўчийдиган одамга ўхшайди. Биринчи келишидаёқ тўрвахалтасини шайлаб олган экан.
— Шунақа одамларни жиним суймайди. Сичқонга ўхшаб яшашнинг нима қизиғи бор. Сичқонни ҳеч кузатганмисан? Нонни бир чўқилайди, ўн марта атрофига қараб олади. Бир қоп буғдойни ташиб кетади индамасанг. Ҳолбуки унга бир челаги ҳам етиб ортади. Лекин у ташийверади, ташийверади. Охири қопда бир дона буғдой қолганида қопқонга тушади. Энди тасаввур қилиб кўр: бир қопда миллион дон борми? Демак, миллион марта қопқонга тушишдан қўрқиб яшаган. Тожимуллаевинг ҳам шунақа. Ўғри бўл, мард бўл-да! Худо юракдан бермаган экан, тинчгина, озига шукр қилиб, маошингга яшайвермайсанми?
— Юрак-ку, йўқ, аммо кўз оч-да.
— Одамнинг кўзи тупроқ билан тўяди. Унгача «бер, бер», деяверади. Маҳмадона файласуфларинг жиноят ҳақида гапирса, «сиёсий-ижтимоий илдизлар» деб мияни ачитади. Ҳеч қанақа илдиз йўқ. Ҳамма бало кўзда. Назар тўқ бўлса, ҳасад ҳам, иғво ҳам, таъқиб ҳам бўлмайди. Кеча маҳалламизда бир чол гапириб қолди: кўз зиноси ҳам бўларкан.
— Бу нима дегани экан?

Солиев «ростдан билмайсанми?» деган маънода ажабланиб қараб қўйди.
— Зино — бузуқликми, ҳаром йўл билан тўшакка ётишми? Агар бир покиза аёлга шундай ёмон фикр билан қараб қўйсанг, кўз зиноси бўларкан. Бунинг гуноҳи ҳаром тўшакда ётганнинг гуноҳидан кам бўлмас экан.

Зоҳид бу гапни эшитиб, кулимсираб қўйди:
— Кўчада кўзимизни юмиб юрарканмиз-да энди?
— Тожимуллаев билан таксопаркдагиларнинг хизмати бир, — деди Солиев, унинг ҳазилига эътибор бермай. — Улар кимгадир холис хизмат қилишган. Таксопаркдан машина сўрашган, улар йўқ, дея олишмаган. Тожимуллаев эса «ишлаяпти», деб расмийлаштириб қўйган. Ҳозир биров билан бировнинг иши йўқ. Комилов қамоқдан чиққан маҳалларда бу масалага қаттиқ туриларди. Ўғрими, чайқовчими, бир идорага илиниб оларди. Энди Тожимуллаевинг икки тиғ орасида типирчилаб қолди. Бир биқинига биз тираб турибмиз, иккинчисига улар. Комилов яшаган уйни кўрсатгани учун улар Тожимуллаевни сиқувга олишган бўлса, у бечоранинг юраги чиқиб кетган.
— Уларнинг ўрнида мен бўлганимда Тожимуллаевга туҳмат қилардим. Комиловнинг қон теккан кийимини уйига ташлаб қўярдим.
— Бунақа ашулалар эскириб қолган. Ўқиб юрганингда бир гап айтганман, эсингдами? — Солиев эслаб кўрсин, деган мақсадда сукут сақлади.
— Сиз менга кўп гапларни айтгансиз.

Солиев мийиғида кулди:
— Қайси бири эсингда?
— Дарахт кўчада ўсгани билан илдизи кўркам иморатларнинг тагига қараб кетган бўлади, девдингиз. Ўзингизнинг эсингиздами бу гап?

Солиев пича ўйланиб, бу савол қопқонидан ҳазил билан қутулмоқчи бўлди:
— Бунақа ақлли гапларни кўп айтганман. Мен ҳозир сендан бошқа нарсани сўрамоқчи эдим: сенлар олий маълумот оламан, деб беш йил китоб титасанлар. Китобларда ўтган гаплар ёзилади. Жиноятчи китобга тушган йўлдан юрмайди сира. Бу йўлда тез фош бўлишини билади. У биздан олдинроқда юради. Бизнинг ақлимиз ҳам, техникамиз ҳам уларнинг изидан боради. Уста шахматчи рақибининг ҳеч бўлмаса уч-тўрт юришини олдиндан билиб туради. Сенга ўхшаганлар тамом бўлган ўйинни ўрганиб юраверасанлар.
— Уста шахматчилар илгариги ўйинларнинг юришларидан ҳам фойдаланишади. Одам эски ашулани ҳам баъзан соғиниб қолади.
— Ҳарҳолда бизнинг соҳада эски ашуладан қўрқиш керак. Ўтган ўйиндаги юришдан фойдаланиб, сира кутилмаган, мотга олиб борадиган зарбага учрайсан. Чунки сен рақибингнинг усулини ёд олгансан. У буни билади. Сен «ҳа, ўзимиз билган юришда», деб хотиржам бўласан. Шунда у бир зарб берадики, ўнгланиб ололмайсан.

Улар йўл-йўлакай ўзларича фалсафа сўқиб боришарди. Солиев бир жиҳатдан ҳақ эди. Ғаним томон беш-олти йил китоб титмаган. Шунинг учун бўлса керак, эркин фикрлайди, эркин юриш қилади, кутилмаган зарба беради. Солиевларни қийнайдиган яна бир томони бор: ҳар қандай полвон курашга тушганда аввало ўз кучига ишонади. Аммо уни «ҳа баракалла», дегувчи рағбатчиси, ҳомийси ҳам бўлади. Солиевларнинг ҳомийлари, шубҳасиз, шинам хоналарда ўтиришади, уларни алқашади, нишонлар, мукофотлар беришади, бироқ, зимдан рақиб томонга ҳам хизмат қилишади. Улардан қўрқишадими ё улушларини олиб туришадими, ҳарҳолда Солиевларнинг нозик томонларини уларга билдириб қўйишади. Солиевга бу яхши маълум. Шу боис бирон жиноят изига тушганида дарахтнинг илдизи қайси иморат остида экан, деб ўйлайди. Неча марта илдизни топди, аммо қирқа олмади — йўл қўйишмади. «Сен дарахт кесувчисан, илдиз кемирувчи эмассан», дейишади. Зоҳид бу ўйинларни зоҳиран билади. Эшитган, лекин бу савдолар ҳали бошига тушмаган. У илдизга етиб боришига, болта уришига ишонади. Ноумид — шайтон, ёш кўнгил шу умид билан яшайверсин. Ёшлик — асли умид деб аталган, афсуски, қумдан ясалган бир иморат. Уни шамол осонгина тўзитади, ёмғир ювиб кетади...

2

Бухородаги қариндошлариникида коняк ичиб ўтирган Тожимуллаев уч соат деганда ўзини катта шаҳарнинг жиноят қидирув бўлимида кўрди. Қариндошлариникига милисалар кириб келишганида «хайрият» деб қўйди. Айни чоқда, юрагига ғулғула тушиб, ғойибдан «енди тамом бўлдинг», деган овоз эшитгандай бўлди. Туғилган одам қачондир ўлишини билгандек, у бир кунмас-бир кун қамалиши аниқлигини биларди. У фақат бир нарсадан — не азоблар билан, мисқоллаб тўплаган бойлигининг бир кечада учиб кетишидангина чўчирди. Бойлигини балки бошқалар ҳаром дер. Аммо у учун ҳар бир тийин ҳалол, меҳнати билан топган. Ахир шу йиллар ичи у нечта бошлиқ кўрди? Ҳаммасининг томоғи тешик эди. Еб тўймасди. Чўнтагини қаппайтириб, яна юқори амалларга кўтарилиб кетаверарди. У эса меҳрибон энагадай тиржайиб, жойида қолаверарди. Бошлиқ изидан келганига «бу зўр одам, эҳтиёт қилинг», деб кетарди. Лекин бирон одам «менинг ўрнимга бошлиқ бўлиб қолсин», демасди. Номи «ўринбосар», бироқ, ўрнини боса олмади, эга бўла олмади.

Курортдаги айшини узиб, уйига қайтиши билан бойликларини яширишга киришди. У ҳали нима гап бўлганини билмас эди. Бошлиғи билан гаплашишга ҳам улгурмади. Аммо кўнгли сезди. Бир бало бўлмаса уни чақиртиришмас эди. Уйни-ку, амаллади. Назарида, орқасидан кимдир кузатиб тургандай бўлаверди. Охири журъат этди. Ўз кўнглида тулкилик қилди. «Озгина ақча»ни шу шаҳарнинг ўзига, ишончли ерга қўйди-ю, Бухорога учди. Агар гумон қилишса бойликни Бухородан қидираверишади. Уйида биров дахл қиладиган нарса йўқ ҳисоб. Уй хотинининг номида, машина қайнонасининг... ҳаммасига ишонч қоғози бор. Баъзан кал пешонасини силаб ўйлаб қолади, ўйлай-ўйлай, дунёнинг ўзи омонат бўлганидан кейин топган мол-мулк боқий қолармиди, деган қарорга келиб, ўзига таскин беради. Мисқоллаб йиғиб-терганларининг бировлар номига зикр этилиши унга ҳам алам қилади, ҳам қўрқади. Айниқса машинадан. Қайнонаси анчадан бери ана кетди, мана кетди, бўлиб ётибди. Кампирнинг пешонасида биргина ўғил. Агар кампир омонатини топширса, ўғил, яъни унинг қайин иниси меросхўр сифатида машинага эга чиқиши ҳеч гапмас. Тожимуллаев унинг суллоҳ кўзларини ёқтирмайди. Ёқтирмаслигини хотинидан яширмайди. Шу туфайли эр-хотин кўп сан-манга боришган. Тожимуллаев ҳаммасидан ҳам қайнисининг овқат ейишига тоқат қилолмайди. «Уканг булдозерга ўхшаб бирпасда лаганни текислаб ташлайди», деб минғиллайди. Ўзи бувисининг «кўп овқат есанг, ичагинг ёрилиб кетади», деган гапига ишониб, камовқат бўлган. Бувиси қизғанганидан эмас, йўқчиликдан шу гапни тўқиб чиқарган эди. Мўл-кўлчилик дамларига етиб келганида, шубҳасиз, «мен ҳазиллашган эдим», деб гапини қайтариб олармиди... Начора, бувиси кўп овқат ичакни ёриб юборажагига ишонтириб кетди. Тожимуллаев эса беқиёс бахил бўлиб қолди. Ўғлини уйлантиргач, келиннинг овқат ейишини кўриб, юраги зил кетди. «Ўзи чигирткадек бўлса ҳам бало экан», деб қўйди. Аксига олиб, келин тансиқ меваларга боши қоронғи бўлсами?! Тожимуллаевнинг назарида бутун дунё қоронғу бўлиб кетди. Назарида келини кўзи ёригунга қадар бор мол-мулкини еб битирадигандай эди.

Бувиси «кўп овқат ичакни ёради», деганида балки ҳаромдан топилган овқатни назарда тутгандир? Тожимуллаев икки йигит ўртасида самолётга чиқиб ўтиргач, бирдан шуни ўйлади. Самолётнинг думалоқ деразаси ёнидан жой олгач, йигитлардан бири унинг ўнг қўлини ўриндиқ суянчиғига кишанлаб қўйди. Кишан зулфининг «ширқ» этиши жонини олгандай бўлди. Хаёли тўзиб кетди. Ҳозиргина баён этилган гаплар ана шундан кейин хотирасидан ўтди.

Маёр Солиев уни сичқонга ўхшатди. Бу ҳам тўғри. Аммо кейинги кунлардаги иши тулкининг қилиғини эслатарди. Тулки ўлжасини яшириб, устига қумалоғини ташлаб қўяркан. Бошқа ҳайвонлар ҳид олиб келиб, қумалоқни кўриб қайтиб кетавераркан. Тожимуллаев-ку, тулкидир, аммо бойлик қидирилгудай бўлса, излайдиганлар нодон ҳайвондай изларига қайтишмас? Тожимуллаев бу изловчиларни чалғитиш учун хаёлидаги гапини пухта қилиб олган эди. У Зоҳид билан суҳбат қуришни мўлжаллаган эди. «Ёш йигитни кўндириш осонроқ», деб ўйловди. Солиевга дуч келдию иш пачавалигини англади.

«— Нимага қочдингиз?
— Мени ўғирламоқчи бўлишди.
— Ким?
— Мафия бўлса керак.
— Қанақа мафия?
— Буни сизлар билсангиз керак?»

Назарида суҳбат шу тарзда бошланиши лозим эди. Бироқ ўзини маёр Солиев деб таништирган одам, индамай, унга қаттиқ тикилиб ўтираверди. «Гипнозчими, нима бало?» деб ўйлади Тожимуллаев. Сўнг авраб ташламасин, деган ташвишда ўйлаб қўйган гапларини айта бошлади:
— Бу укамиз ҳеч қаёққа кетманг, девдилар. Лекин мен қўрқдим. Қўрқитишди. Ўлдириб кетамиз, дейишди.

Бувиси «кўп овқат ичакни ёради», деганида балки ҳаромдан топилган овқатни назарда тутгандир? Тожимуллаев икки йигит ўртасида самолётга чиқиб ўтиргач, бирдан шуни ўйлади. Самолётнинг думалоқ деразаси ёнидан жой олгач, йигитлардан бири унинг ўнг қўлини ўриндиқ суянчиғига кишанлаб қўйди. Кишан зулфининг «ширқ» этиши жонини олгандай бўлди. Хаёли тўзиб кетди. Ҳозиргина баён этилган гаплар ана шундан кейин хотирасидан ўтди.

Маёр Солиев уни сичқонга ўхшатди. Бу ҳам тўғри. Аммо кейинги кунлардаги иши тулкининг қилиғини эслатарди. Тулки ўлжасини яшириб, устига қумалоғини ташлаб қўяркан. Бошқа ҳайвонлар ҳид олиб келиб, қумалоқни кўриб қайтиб кетавераркан. Тожимуллаев-ку, тулкидир, аммо бойлик қидирилгудай бўлса, излайдиганлар нодон ҳайвондай изларига қайтишмас? Тожимуллаев бу изловчиларни чалғитиш учун хаёлидаги гапини пухта қилиб олган эди. У Зоҳид билан суҳбат қуришни мўлжаллаган эди. «Ёш йигитни кўндириш осонроқ», деб ўйловди. Солиевга дуч келдию иш пачавалигини англади.

«— Нимага қочдингиз?
— Мени ўғирламоқчи бўлишди.
— Ким?
— Мафия бўлса керак.
— Қанақа мафия?
— Буни сизлар билсангиз керак?»

Назарида суҳбат шу тарзда бошланиши лозим эди. Бироқ ўзини маёр Солиев деб таништирган одам, индамай, унга қаттиқ тикилиб ўтираверди. «Гипнозчими, нима бало?» деб ўйлади Тожимуллаев. Сўнг авраб ташламасин, деган ташвишда ўйлаб қўйган гапларини айта бошлади:
— Бу укамиз ҳеч қаёққа кетманг, девдилар. Лекин мен қўрқдим. Қўрқитишди. Ўлдириб кетамиз, дейишди.

Солиев индамади. «Ким, деб сўраса ўладими», деб ўйлади Тожимуллаев.
— Телефон қилишди. Уйимга хат ташлаб кетишди.

У шундай деб ён чўнтагидан тўрт букланган қоғоз чиқарди. Катак дафтарнинг бир варағига калла суягининг сурати чизилган эди.

Солиев қоғозни олиб бир назар ташлади-да, Зоҳидга узатди:
— Экспертизага, — деди буйруқ оҳангида.
— Қўлқопда чизган бўлиши мумкин, — деди Тожимуллаев.

У прокуратура терговчиси билан жиноят қидирув бўлимининг инспектори орасидаги фарқни билмас эди. Шу сабабли маёрни шу идоранинг улуғларидан деб билиб, унга умид кўзи билан қаради. Унинг бу кўз қараши шу тобда пичоқ қайраётган қассобга қараб турган қўзичоқни эслатарди. Қўзичоқнинг бундай қараши, мунгли маъраши қассобни йўлдан қайтаролмагани каби, жиноятчининг бундай мўлтираши Солиевни чалғита олмас эди. У Тожимуллаевдан қаҳрли нигоҳини узмаган ҳолда яна бир оз жим ўтирди. Сўнг, Тожимуллаев ўзи кутмаган саволни эшитди:
— Комиловни ишга ким жойлаштирган?

Тожимуллаев гангиб қолди. Чунки у «Сизни ким қўрқитган бўлиши мумкин» деган саволга жавоб тайёрлаб ўтирган эди.
— Билмадим... аниқроғи... бу укамизга айтганман. Олдинги бошлиқ... аризага сархат ёзиб берганлар...
— Қамалиб чиққан болани ким ишга киритяпти, деб қизиқмаганмисиз?
— Энди... биз кичкина одаммиз.
— Сиз айбингизни биласизми?
— Айбимми? Ишга расмийлаштириб қўйганимми?.. Вақтида бўшатмадим...
— Йўқ, сиз Комиловни охирги марта кўрган одамсиз. Унинг ўлимида сизни ҳам айблашимиз мумкин.

Қўзичоқ ерга йиқилиб, оёқлари боғланди. Бўғзига пичоқ тортилиши аниқ бўлиб қолди. Маъсум қараш фойда бермади. У энди типирчилаб, арқонга чап бермай, қутулиб, қочиш пайига тушди.
— Мен... Мен... нима деяпсиз? Мен... йўқ эдим-ку?..
— Самолётда тўрт соатли йўл, — деди Солиев совуқ оҳангда.
— Келиб-кетиш ҳам шарт эмас. Бу ёқда шериклар бор-ку? — деди Зоҳид, гўё унга эътироз билдиргандай.
— Худо... Худо хайрингларни берсин. Ўғри денг, порахўр денг, лекин бунақа деманг. Худодан қўрқаман.
— Худодан қўрққан одам бировнинг ҳақини ейдими?
— Гуноҳкор бандамиз... адашамиз... тирикчилик...
— Шерикларингиз?
— Жон ака, мени қийнаманг, — Тожимуллаев шундай деб йиғламсиради. — Отсангиз отинг, лекин менга бунақа айб қўйманг.
— Комиловни ким ишга жойлаган?
— Билмайман.
— У тез-тез келиб турармиди?
— Йўқ. Ўн йилча кўринмади.
— Қаерда экан?
— Сўраганимда, Сибирда эдим, девди.
— У ердан нима олиб келди?
— Мен битта телпак билан...
— Қум-чи?
— Қанақа қум?
— Тилла қум.
— Сибирда қум нима қилади?
— Тўғрисини айтасизми?
— Ёлғон гапирсам, тил тортмай ўлай.
— Сизга қасам таъсир қилмайди. Тилла қумни нима қилдингиз, тўғрисини айтинг. Сейфингизнинг калити фақат ўзингизда турадими?
— Ҳа.
— Қани? — Солиев шундай деб қўл узатди.
— Йўқотиб қўйибман.

Солиев устол тортмасидан калит олиб кўрсатди:
— Шуми?
— Ҳа.
— Сейфни очиб текширдик. Экспертиза тилла қум доналарини топди. Бунга нима дейсиз?
— Йўқ... билмайман... мен ундан битта телпак...
— Ўрнингиздан туринг. Сизга рухсат. Уйингизга бораверинг. Керак бўлсангиз чақирамиз.

Жон талвасасидаги қўзичоқ бўғзига пичоқ тортилмай, оёқлари арқон ҳукмидан озод этилгач, ажабланган ҳолда, бир неча нафас қимир этмай ётади. Сўнг ирғиб туриб, нари қочади. Тожимуллаев қўзичоқ эмас, дарров турмайди, қочмайди. Ўша қўзичоқ нигоҳи билан қараб ўтираверади.
— Сизга рухсат деяпман, кетаверинг.
— Уйгами?
— Хоҳласангиз, уйингизга боринг, хоҳласангиз, ишингизга.

Тожимуллаев бу гапга ишонқирамай ўрнидан турди. Остонага етганида «тўхтанг, қайтинг», деган зардали буйруқ кутди. Даҳлизда юриб бораётганида ҳам, зиналарни бир-бир босиб учинчи қаватдан тушаётганида ҳам, ҳатто кўчага чиққанида ҳам орқадан биров келиб елкасини ушлашини, «қайтинг», дейишини кутди. У ўзича режалар тузганида бунақа савол-жавобни, муомалани, хотимани кутмаган эди. Милисалар ҳақидаги киноларда бунга ўхшаш воқеани сира кўрмаган эди. Қамаб қўйишларига, сўроқ пайтида ҳатто уриб-тепишларига ишончи комил эди, аммо бундай осон қутуламан, деб ўйламовди. Ишқилиб охири бахайр бўлсин...

Тожимуллаев чиқиб кетиши билан Зоҳид маёрга ажабланиб қаради. Боятдан бери қаҳр ниқобида ўтирган Солиев кулимсиради.
— Орқасидан одам қўямиз. Агар чиндан ҳам қўрқитишган бўлса, бугун-эрта уни йўқотишади. Назаримда, ўзининг баҳосини сал оширворган. Анави расм ҳам ўзининг ижоди бўлиши керак. Сездингми, у кириб келганида хотиржам эди. Чунки биз у чизган чизиқдан бораётувдик. Мен чизиқларини чалкаштириб юбордим. Буни бир-икки кун кузатиб ўз ҳолига қўй. шуғулланаверсин. Бизга Сангина керак.
— Изини қуритишган бўлса-чи?

Солиев бармоқлари билан столни чертиб қўйди.
— Бўлиши мумкин. Эртага Сангинанинг, индинга иккита номаълум кавказликнинг ўлигини топишимиз ҳам мумкин.
— У ҳолда бу аниқ бир тўданинг иши бўлиб чиқади.
— Менинг бошимни шу нарса қотиряпти. Бу битта тўда ичидаги гапми ё тўдалар орасидаги фитнанинг бошланишими? Битта тўда ичида бўлса бойликни топмай қўйишмасди.
— Бошқа гуноҳи учун жазолашган бўлишса-чи?
— Бунақа намойишкорона осиб қўйишларига ҳайронман.
— Унда тўдалар орасидаги фитнами?
— Фитнанинг бошланишига пича фурсат бор, назаримда. Тўдалар ҳозир биздан оз бўлса-да, чўчишади. Ҳали ҳамма кавакларга кириб улгуришгани йўқ. Биздан қўрқмай қўйишгач, бир-бирлари билан олишишни бошлашади. Ҳозирча, ораларида пинҳона адоват бор. Ошкора уруш яқин орада бошланмаса керак. Ҳозир бошланса, бизга осонроқ бўларди, пайини қирқардик. Эрта-индин қўлимиз калталик қилади. Киссавурларни эпласак ҳам катта гап бўлиб қолади.
— Ваҳимачи бўлиб боряпсиз, ака, — деди Зоҳид кулимсираб.

Маёр бош чайқаб, бир оз сукут қилди.
— Ўлмасак кўрармиз. Катта-кичик идора раҳбарларининг жилови шуларнинг қўлига ўтади. Ана ўшанда томошаларини кўраверасан.

3

Зоҳид Шарипов шом қоронғисида уйига қайтди. Тўққиз қаватли бетон уйнинг иккинчи йўлаги оғзида хотинини кўриб, ажабланди.
— Фотима? Нима қилиб турибсан?
— Вой, қаёқларда юрасиз-а, — Фотима шундай деб эрини қучоқлади-да, йиғлаб юборди. У қалт-қалт титрарди. Зоҳиднинг юраги ғашланиб, унинг елкасидан маҳкам ушлади:
— Нима бўлди? Абдувоҳид қани?
— Воҳиджон қўшниларникида, сизни кутавериб совқотиб кетдик.
— Нима бўлди?
— Уйга келсак... даҳлизда иккита киши ётибди. Юрагим чиқиб кетди.

Хотинининг «иккита киши ётибди», дейиши Зоҳидга дафъатан маёрнинг «индинга иккита кавказликнинг ўлигини топишимиз мумкин» деган гапини ёдига солди.
— Қанақа киши? — деди у шошилиб, — кавказликларми?
— Қаёқдан билай, қўл-оёқлари боғлаб ташланган, башарасига қарабманми, юрагим ёрилиб, қочиб чиққанимни биламан.

Зоҳид хотинини четга суриб юбормоқчи эди, Фотима уни маҳкам ушлади:
— Йўқ, кирмайсиз, қўрқаман, — деди йиғидан тўхтамай.

Зоҳид унга «кўчада дийдираб тураверамизми?» дегандай қаради-да, йўлка сари қадам қўйди. Хотини уни орқага тортди.
— Сен Абдувоҳиднинг олдига кир. Мен телефон қиламан. — Зоҳид шундай деб биринчи қаватдаги қўшнисиникига кирди. Маёр Солиев ҳали уйига кетмаган экан. Зоҳиднинг гапини эшитиб, қисқагина буйруқ берди:
— Ичкари кирма. Иккита одам — ўша кавказликлар бўлиши мумкин.

Солиев ит етаклаган милиса йигит, суратчи, экспертларни бошлаб келгунича орадан ярим соат вақт ўтди. Бу вақт ичида Зоҳид хаёлан турли-туман боши берк кўчаларга кириб чиқди. «Агар улар Комиловни ўлдирган кавказликлар бўлса, меникига нима учун ташлашади. Уларни ўлдириб ташлашганми ё тирикми?»

Маёр Солиев Зоҳиддан уйнинг калитини олди-ю, тўққизинчи қаватга чиққач, ён қўшниларни чақириб, эшикни очди. Даҳлизда қўл-оёқлари чандиб боғланган, оғзига елимли тасма ёпиштирилган, ёши ўттизлардан ошган икки одам ётарди. Остонада турган Зоҳид уларни бир қарашда таниди: ҳамқишлоқлари. Янада аниқ айтилса, ўша машъум кечада муштлашиб, акасини ўлдириб қўйган йигитлар. Зоҳид остона ҳатламоқчи эди, Солиев уни тўхтатди:
— Сен кирмай тур.
— Буларни танийман.
— Танисанг ҳам кирмай тур. — Солиев шундай деб энгашди-да, йигитларнинг бош томонидан бир варақ қоғоз олиб, ўқиди: — «Эркак бўлсанг — қасос ол!» Бу хат сенга аталган шекилли?

Зоҳид воқеага тушунгандай бўлиб, икки қадам тисланди. Милиса ичкари кириб, итига ис олдирди. Ит лифтга қадар келди, сўнг думини ликиллатиб тураверди. Бармоқ изларини олиш ҳам самара бермади. Солиев шундай бўлишини олдиндан билса ҳам расмиятчилик учун уларни бошлаб келган эди. У Зоҳиднинг уйида Комиловни ўлдирганларнинг мурдаси ётибди, деб қаттиқ ишонган, шогирди бир балога гирифтор бўлмаслиги учун эҳтиёт чораларини кўриб қўйган эди.

Солиев бошлаб келган мутахассислар қайтиб, қўшнилар ҳам уйларига чиқиб кетишгач, Зоҳид ичкарига кирди. Меҳмонхонада ўтирган акасининг қотиллари уни кўриб беихтиёр ўринларидан туришди. Ўша воқеадан кейин Зоҳид уларни кўча-кўйда учратиб қолса ҳам саломлашмас эди. Ҳа, унинг кўнглида қасос умиди бор эди. Аммо қотилларни ўлдириш хаёлига ҳам келмасди. Ундаги қасос ўти ҳақиқат учун жон олиб, жон беришга ундарди.
— Зоҳид, биз тавба қилганмиз. Ота-онанг бизни кечиришган... — деди қадди тикроқ йигит.
— Сизларни ким олиб келди? — деб сўради Зоҳид, унинг гапига эътибор бермай.
— Танимаймиз. Мен ишда эдим. Иккита йигит борди. Гап бор, деб кўчага олиб чиқишди. Кейин қорнимга бир муштлаб, мошинага тиқишди. Эшмўминни уйидан чақириб чиқишибди.
— Кўриниши қанақа?
— Биттаси жингалаксоч, биттаси маллароқ.
— Машиналари қанақа?
— Оқ «Жигули».
— Сизлар кетаверинглар.
— Шу пайтда қаёққа борамиз? Автобуслар ётиб қолган.
— Хоҳласангиз, меҳмонхонага боринг, хоҳласангиз, бозорга бориб ётинг, — деди Зоҳид қуруқ оҳангда. У автобус йўқлигидан эмас, кўчага чиқишга қўрқиб баҳона қилаётганларини сезди. Бу йигитлар ярим кечада ҳам қишлоқларига бора олишлари мумкин эди. Йигитлар Зоҳиднинг гапи қатъий эканини фаҳмлаб, бир-бирларига қараб олдилар-да, бараварига ўринларидан турдилар.
— Мен гуноҳларингдан кечмаганман. Ўлгунимча ҳам кечмайман. Аммо сизлардан қасос олмайман. Номардлардан қасос олиб, паст кетмайман, хотиржам яшайверинг. Агар у дунё деганлари рост бўлса, акам билан учрашганда гапирасизлар гапларингизни.

Йигитлар бошларини хам қилиб чиқиб кетишди.
— Нима учун ҳайдадинг уларни? — деди Солиев. — Балки сўрайдиган гапларим бордир?
— Нимани сўрайсиз? Билганларини айтишди. Улар акамни ўлдиришган. Биттаси қамалди. Учтаси қутулиб кетди. Кимдир менга яхшилик қилмоқчи ёки «биз билан ўйнашма», деб огоҳлантирмоқчи. Агар эртага уларнинг ўлиги топилса, кўпчилик мендан гумонсирайди.

Солиев бармоқлари билан стол устини чертиб, индамай ўтирган ҳолда Зоҳиднинг сўзларини тинглар эди. Зоҳид воқеани тўғри талқин қилиб, тўғри хулоса чиқараётганди.
— Сиз бошқачароқ фикрдасиз шекилли? — деди Зоҳид бир оз қўполроқ оҳангда.

Солиев бу оҳангдан оғринган бўлса-да, сир бой бермади. Устол устини чертишни бас қилмай, индамай ўтираверди. Зоҳид шу тобда «бу одам нима учун бундай ўтирибди», деб фикрлашга қодир эмас, асаблари тушовини узиб, унга бўйсунмай қўйган эди. У тирсагини устолга тираб, бошини чангаллади, сўнг устолни муштлади. Солиев шундан кейингина тилга кирди:
— Ана энди ўзингга келдинг, — деди хотиржам оҳангда. — Шунақа пайтларда ёрилиб туриш ҳам керак. Уч марта чуқур нафас ол. Бармоқларингга тикилиб тур. Ҳеч нимани ўйлама. Ўйлама. Уйда ўзинг ёлғизсан. Ҳеч ким йўқ... Ҳеч ким келгани ҳам йўқ...
— Қўйсангиз-чи, Мақсуд ака, — деди Зоҳид ўрнидан туриб.
— Ўзингни бос. Бунақа пайтда муштни эмас, каллани ишлатиш керак. Хўш, энди ўйла: бунақа воқеа аввал ҳам бўлганми? Йўқ. Аввал сен кичкина бир бўлимда инспектор эдинг. Энди прокуратурада терговчисан. Аввал майда балиқларни овлардинг. Энди катталарига қармоқ ташлаяпсан. Биринчи ишингни тузукроқ бошлашга ҳам улгурмадинг. Иккинчи ишинг кимгадир ёқмаяпти. Менга бундай қилиқ қилишмайди. Чунки феълимни билишади. Мени бошқачароқ тарзда огоҳлантиришади ёки қўрқитишади. Комиловнинг ишини чуқурлаштириш керакмас. Англадингми? Биз очиқ ишлаяпмиз, бошқа иложимиз ҳам йўқ. Улар кўринмас одамга айланишган. Биз улар билан пойгага чиққанмиз. Маррага биз аввал етиб борсак, ниқобни йиртамиз. Ҳақиқатни очамиз. Улар етиб олса, зирҳдан ниқоб ясаб, йўлимизни тўсишади. Ҳозир улар олдинроқда кетишяпти. Улар ҳамма нарсани билишади. Ҳатто сенинг оилавий сиринггача уларга маълум. Нима дейсан?
— Нима дердим? — Зоҳид ўйлагани билан тайинли жавоб топа олмади. — Кўзимни чирт юмиб, маррага қараб югуравераман...

XXII боб

1

Ҳосилбойвачча ўтирган ерида қўл узатиб, Зелихон билан кўришди. Зелихон унинг бу қилиғидан ранжиса-да, сир бой бермади, таклифни кутмаёқ, юмшоқ курсига ўтирди.
— Лақабим Академик, эшитганмисиз? — деди Ҳосилбойваччага тикилиб. Ўзига бино қўйган йигит кўпни кўрган бу чеченнинг чақчайиб турган ўткир нигоҳига дош беролмади. Бармоғидаги узукни ўйнаб туриб:
— Ҳозир ерни тепсанг, дарахтдан академик ёғилади, — деди.
— Мен ер тепса ёғиладиган хилиданмасман, биродар. Агар кимлигимни билмоқчи бўлсанг, Хонгирейдан сўра.

Бу гапни эшитиб, Ҳосилбойвачча Зелихонга бир қараб олди. Бу олам одамларини зир титратиб турувчилардан бири бўлмиш Хонгирей учун Ҳосилбойвачча деганлари чивиндай гап. Ҳосилбойвачча буни билади. Шу сабабли қарашида безовталик сезилди. Бироқ ботиний хавотирни сиртига чиқармади.
— Менда нима ишингиз бор? Агар ёрдам сўрамоқчи бўлсангиз, олдиндан айтиб қўяй: ўғрилар билан борди-келдимиз йўқ.
— Мен бировлардан ёрдам сўрайдиган одам эмасман. Кези келганда мендан ёрдам сўрашади, — Зелихон кибор йигитнинг попуги сал пасайганини фаҳмлаб, сенсирашга ўтган эди. — Одамларинг Фарғонада юрган экан. Турклар билан пачакилашишибди.
— Пачакилашишса сизга нима? У ерлар менинг чекимга тушган. Келгиндилар иззатини билиши керак.
— Мен ҳам келгиндиман. Бир бурда нонингни тортиб олгани келган эмасман. Худо насиб этса, ҳаммамиз юртимизга кетамиз. Сен нонингни бошқа келгиндилардан эҳтиёт қил. Туркларга тегма.
— Хонгирей бошқаларнинг ишига аралашмас эди. Сенга ҳам ўргатмаган экан-да, а?
— Ука, омадингни берсин, қўл узатсанг осмондан юлдузларни териб оласан. Мен ҳам ризқимни териб ейман. Турклар ҳам оч қолмас. Аммо қоннинг иси келиб турибди, гуноҳга ботма. Одамларингни чақириб ол. У ерлар ўзингга буюради, лекин ҳозирча тегмай тур. Кўнглим ёмон нарсани сезмаса, олдингга келмас эдим.
— Турклар бизни ўлдиришадими?
— Йўқ. Жанжални сенлар бошлайсанлар, қон тўкишга бошқалар тайёр туришибди. Улар қонларингни ичиб, ғойиб бўлишади. Балога сенлар қоласанлар.
— Ким улар?
— Вақти келганда билиб оласан.
— Шунақами?.. Мен чеченлар мард бўлади, деб эшитардим. Қуёнюраклари ҳам бўларкан-да, — деди Ҳосилбойвачча ижирғаниб.

Зелихон кўзидан учқун чақнади.
— Чеченларга тил теккизма! Сен мен билан гаплашяпсан. Агар мен сенга қараб туриб, «ўзбеклар латтачайнар экан», десам ёқаманми?
— Окахон, мен сизни одам деб гаплашишга рози бўлдим. Ҳамма нарсанинг чегараси бор. Хонгирейга танишман, деб ўзингиздан кетманг.

Зелихон Хонгирей таниш эмас, шогирди эканини айтмоқчи эди-ю, ҳамма сирни ошкор этиш шарт эмас, деган қарорга келиб, тилини тийди. У Ҳосилбойваччага айтадиганини айтиб бўлган, энди туриб чиқиб кетиши ҳам мумкин эди. Зелихон шаҳардаги катталарнинг бири Ҳосилбойвачча эканини дастлаб эшитганида уни дадил, чўрткесар йигитдир, деб ўйловди. Бир неча дақиқа бурун бармоқларига тилла узуклар таққан, ўзига зеб берган кибор йигитни кўргач, ҳафсаласи пир бўлди. У мард одамларни ёқтирарди. Рўпарадаги йигит шер эмас, тулки эканини фаҳмлаб, суҳбатнинг бошидаёқ Хонгирей номини тилга олиб янглишмаган эди.

Ҳосилбойваччага бир чечен одам гаплашмоқчи, дейишганда дастлаб Хонгирейни эслади. Кейин чеченнинг оддий ўғрилардан эканини билгач, «додини бир эшитиб кўрай-чи», деб кўнган эди. Бу оддий ўғри додини айтиш ўрнига осмондан келиб, ишларига бурнини тиқиб турибди. Бу одам Хонгирейга тегишли бўлмаса ҳам, чечен деган номи бор. Хонгирей бу одамни ёқтирмаслиги мумкин, аммо чеченлар одамларини бировларга хор қилдириб қўйишмайди. Ҳосилбойвачча шуни билгани учун ҳам тишини тишига қўйди. Агар рўпарасидаги бу одам чечен эмас, ўзбекми, қозоқми бўлганида онасини Учқўрғоннинг қайқисидан кўрсатиб қўярди. У Хонгирейдан қўрқишини билдиргиси келмади. Шу боис Зелихонни қай ҳолда қарши олган бўлса, шу ҳолда хайрлашди.

Зелихон чиқиб кетиши билан гумаштасини чақириб «бу тавиянинг кимлигини аниқлашни» топширди. Милисахонада жиноят кўчасига кириб чиққан ҳар бир одам ҳақида маълумотлар сақланади. Жиноятчилар оламининг ҳам ўзига хос маълумотномалари мавжуд. Улар баъзан милисалардан тезроқ маълумот тўплашлари, муайян хулосага келишлари, лозим бўлса ҳукм чиқариб, ижро этишлари ҳам мумкин.

Ҳосилбойвачча Зелихон тўғрисидаги керакли маълумотларни кечга яқин олди. Зелихоннинг қамоқда Элчин билан бирга бўлгани, озодликка чиққач, ака-укадай юришлари унинг эътиборини тортди.

«Уни Асадбек ишга солмаяптими? — деб ўйлади у. — Фарғона томонларнинг меники эканига Асадбекнинг ўзи кўнган-ку? Нимага шартни бузмоқчи? Яккаҳоким бўлмоқчими? Бу чечен орқали Хонгирейни қўлга олганми? Мен унинг пайини қирқаман, деб юрсам, у ишни пишитиб қўйибди-ку?»

Бир неча кун давомида ўтирса ҳам, турса ҳам чеченнинг ташрифидан мақсад не экан, деб ўйлади. Зелихон гарчи мақсадини аниқ айтиб кетган бўлса ҳам, иштонсизнинг ҳадиги чўпдан деганларидай, Ҳосилбойвачча унинг гапига ишонқирамай бошқа хаёлларга бораверди. Ниҳоят, бу ишда Асадбекнинг қўли бор, деган фикрга маҳкам ёпишди. Зелихоннинг изидан тушган одамлари унинг Асадбек қароргоҳига кирганини маълум қилишгач, фикри тўғри эканига янада қаттиқроқ ишонди. Дарди фақат бойлигу шуҳрат бўлган бу йигит сиёсатчилар оламининг маккорона қилиқлари мавжудлигини, улар кўпроқ ақл кўзлари юмуқ одамлар хизматидан фойдаланишларини билмас эди. Унинг фожиага етаклаши мумкин бўлган нодонлиги ҳам шу эди...

2

Анвар нур билан бўлган сўнгги суҳбат таъсирида гаранг бўлиб ўтирганида эшик очилиб, кадрлар бўлимининг бошлиғи кўринди. Ёши ўтиброқ қолганини ҳалигача сезмай, пардоз-андозини канда қилмовчи бу жувон ҳар куни эрталабдан ходимларнинг жиғига тегарди. Холидий даврида интизомни назорат қилиш шу хонимга топширилган, бу вазифа бошлиқ ўзгарганидан кейин ҳам фидойилик билан бажариларди. Ўн беш дақиқа кеч қолган ходим бу хонимнинг темир дафтарига тушар, «қайта қуриш ишига сезиларли улуш қўша олмаётгани учун» мукофотлардан маҳрум этиларди. Анвар барвақт туриб, ишга баравақт келишга ўргангани учун бу рўйхатга тушиш бахтидан бенасиб эди. Кадрлар бўлимининг бошлиғи унинг кеч қолишини жуда-жуда истарди. Қани эди, Анвар ишга кечикса-ю, бу хушхабарни Холидийга етказса, ҳайфсан эълон қилиш ҳақидаги буйруққа имзо чектириб чиқса... Вақт-бемаҳал хоналарни ҳам айланиб юрувчи хоним эшикни очганида «навбатдаги текширув шекилли», деб ўйлашди. Хоним тўғри Анварга яқинлашди-да, сал энгашиб «Сиз мен билан юринг», деди. Бу сирли чақирув хонадагиларнинг диққатини тортди. «Энг кичкина илмий ходим» маънодор қилиб йўталиб қўйди. Анвар хонимга бир қараб олиб, қоғоздаги сатрларни диққат билан ўқиётгандай мук тушди.
— Юринг, деяпман, — деди хоним чимирилиб.
— Тинчликми? — деди Анвар қоғоздан бош кўтармай. — Ишга вақтида келганман. Худо хоҳласа, вақтида кетаман. Қайта қуришда жон-дилим билан иштирок этяпман...
— Юринг, — хоним бу сафар қатъийроқ, буйруқ оҳангида гапирди. — Майнавозчилик қилмай, орқамдан юринг.

Анвар ўрнидан туриб бошини эгди-да, итоаткор қул каби унга эргашди. Хонада енгил кулги кўтарилди. Кадрлар бўлими бошлиғи хонаси эшигини очиб, Анварга «киринг» деди. Анвар остона ҳатлагач, ўзи ташқарида қолиб, эшикни оҳиста ёпди.

Анвар диванда ўтирган йигитни бир қарашда таниди. Миқтидан келган, сочлари ораста таралган, нигоҳи олазарак бу йигитни идорада деярли барча танийди. Авваллари бундай одамлар пинҳона иш юритишарди. Замон ўзгариб, идораларга очиқчасига келадиган, очиқчасига «дилдан суҳбат қурадиган» бўлиб қолишди. Анвар кириб келиши билан миқти йигит ўрнидан туриб, жилмайган ҳолда, қадрдонлардек саломлашди. Унинг қўллари қаттиқ, қоғоз-қаламга ўрганган Анварнинг бармоқлари унга дош беролмади.

Миқти йигит мақсадга дарров кўчмай, гапни узоқдан бошлади. Аввал Анварнинг саломатлигини суриштирди. Онасининг соғлиғи ҳам назаридан четда қолмади. Акасининг чет элга бориш-бормаслиги билан қизиқди. «Чет элларга бориб дарс ўтадиган зўр олимларимиз бор экан, фахрланишимиз керак», деб таъкидлашни унутмади. Анвар унинг гапини маъқуллаб, акаси билан фахрланишга ваъда берди. У жиловни бўш қўйиб, миқти йигитнинг мақсадга кўчиш онини сабр билан кутди.
— Ўзингизнинг диссертатсиянгиз ҳам бўлай деб қолдими?
— Мусулмончилик аста-секин, бўлиб қолар.
— Мавзу қанақа эди?
— «Колхозлаштиришда партия ячейкаларининг рўли».

Миқти йигит ажабланиб Анварга тикилди. Анвар тўппа-тўғри гапни айтгандай, хотиржам, киприк қоқмай ўтираверди. Йигит кулимсираб, бош чайқади.
— Ҳазилни ҳам эшворар экансиз. Назаримда бошқачароқ эди.
— Эсингизда йўқмиди? «Рус истилоси ва Туркистонда миллий озодлик ҳаракати»...
— Ҳа, ана энди эсладим.
— Бу мавзудан воз кечиб, колхозлаштириш тарихи билан шуғулланишни буюрган эдингиз, буни ҳам эсладингизми?
— Буйруқ эмас, директорингизнинг таклифини айтувдим. Сиз кўнмай, тўғри иш қилган экансиз. Ҳамма ҳам янглишади. Биз ҳам оз-оз адашганмиз.
— Шуни айтгани келдингизми?
— Ҳа, энди бир суҳбатингизни олай, дедим-да. Ёрдам керак бўлса, ёрдам берайлик.
— Ёрдамми?... — Анвар унга синовчан тикилди. — Ёрдам керак. Идорангизнинг архивидан фойдаланишга рухсатнома олиб бера оласизми?

Миқти йигит қоғозчага телефон рақамларини ёзиб, узатди:
— Эртага соат тўртда телефон қилинг. Мен аниқлаб қўяман. Бу қийин масала эмас.
— Менга рухсатми?
— Яна бир оғиз сўз: диссертатсиянгиз ҳақида гапирмадингиз, ёқлашга тайёрми?
— Танишиб чиқмоқчимисиз?
— Агар мумкин бўлса... Хизмат юзасидан эмас. Ўзим тарихга қизиқаман.
— Тарихга қизиқсангиз мен сизга китоблар рўйхатини берай.
— Диссертатсия-чи?
— Тайёр эмас.
— Шунча йилдан бери ишлайсиз-ку. Мен тайёр деб эшитувдим.
— Кимдан?
— Ҳа, энди кимлигини билишингиз шарт эмас. Тайёр қисмини ўқиб чиқишим мумкинми?
— Йўқ. Чала ишни бировга кўрсатмайман.
— Диссертатсия... ўзингиздами?

Шу саволдан кейингина Анвар Холидий билан бўлган суҳбатни эслаб, миқти йигитнинг мақсадини тушуниб етди. Унга қараб туриб кулди:
— Уч-тўрт кунга аммамга бериб юборган эдим. Йўқотиб қўйибдилар.
— Анвар ака, майнавозчиликсиз гаплашайлик.
— Майнавозчилик қилаётганим йўқ. Диссертатсия йўқолган.
— Йўқолганми ё... чет элга сотилганми?
— Чет элга? Бе, бир жиннининг ҳимоя қилинмаган диссертатсияси кимга керак?
— Шунга қизиқадиганлар ҳам бор. Демак, диссертатсия йўқми?
— Ким сизга йўқ деди? Диссертатсия бор. Аммо чала. Ўзингиз замон ўзгарди, дедингиз. Демак, уни энди янги замон кўзи билан қараб чиқиш керак. Тарих фани фоҳишага ўхшаб ўзгариб туради, биласиз-ку? Яқинда жиннихонадан тузалиб чиқдим. Энди ўтириб ишлайман. Чет элга сотворган деб, сизга нотўғри маълумот беришибди. Бу хабарлари учун уларга ҳақ тўламанг. Чет элга бунақа гаплар беш-ўн йил олдин керак эди. Ҳозир уларни бошқа нарса-лар қизиқтиради. Жинни бўлсам ҳам бунга ақлим етади.
— Диссертатсиянгизни эртага олиб кела олмайсизми?
— Тилхат ёзиб бера қолсам-чи? Диссертатсия ўзимда турибди, чет элга сотмайман, маъқулми?

Аввалги суҳбатда Анвар «бу мавзу билан шуғулланмайман», деб ёзиб берган эди. Ҳозир шуни эслатиб пичинг қилди. Йигит буни тўғри тушуниб, унга бир варақ қоғоз узатди. Анвар ўйлаб ўтирмай тез-тез ёзиб берди: «Берурман ушбу тилхатни шул ҳақдаким, сариқ чақага арзимас «диссертатсия» деб аталмиш матоҳ ҳамон ўзимдадир ва уни ўзим бирлан гўрга олиб кетгумдир.

Б а й т:
Дунёнинг ишига бермоқ керак тан:
Ўсган соч қирқилди, ошгач ҳаддидан!»

Миқти йигит тилхатни ўқиб, кулимсираб қўйди-да, Анварга рухсат берди.

Анвар бу суҳбатда руҳининг янчилганини сездирмай, ўзини эркин тутган бўлса-да, даҳзилга чиққанидан сўнг томоғига бир нима тиқилиб, кўз олди қоронғилашди. Дераза олдига етгач, тўхтади. Ўтган суҳбатда бу миқти йигит ҳамкорлик қилишни таклиф этган эди. Идорадаги майда-чуйда гаплардан, айниқса тузумга, ҳукуматга қарши гаплардан огоҳ қилиб туриш эвазига катта ёрдамлар ваъда қилиб эди. Унга жавобан Анвар «Мен сотқинга ўхшайманми?» деган, миқти йигит эса, «Бу сотқиннинг эмас, чин ватанпарварнинг иши», деб таъкидлаган эди. «Бу даргоҳда нечта «ватанпарвар» бор? — деб ўйлади Анвар. — Шаҳарда-чи? Ҳаммаёқни «ватанпарвар»га тўлдириб юборишмадими? Битта одамнинг орқасидан нечтаси пойлайди? Гап пойлаб, гап етказгандан кўра ўлгани яхши эмасми одамнинг?..»

Хонасига киргиси келмай, кўчага чиқди. Қаерга боришни аниқ билмади. Яратганнинг синовли бу дунёсида тўғри яшаш ниҳоятда мушкул. Холидийга ўхшаганларнинг эса ошиғи ҳамиша олчи. Замон ўзгарадими, тузум ўзгарадими, уларга фарқи йўқ. Анварга ўхшаб тўғри яшайман, деганлар умр бўйи улар билан олишиб ўтади. Анварга алам қиладиган ери шундаки, холидийлар халқ кўз олдида кўкрак кериб, ваъз айтадилар, ўзларини энг фидойи, миллатпарвар қилиб кўрсатадилар. Очилмиш кўзлари уйқуга зор ўлмиш халқ уларнинг нутқларидаги сохта оҳангларни дарров пайқамайди. Уларни узоқ вақт олқишлайди. «Халқимни севаман, халқим учун курашаман», деган гапларга барча мафтун бўлади. Ҳар бир одам халқнинг фарзанди. Фарзанд бурчи ота-онани севмоқ, ота-она учун лозим бўлса жонини фидо қилмоқ эмасми?.. Қайси имонли одам маҳалла гузарига чиқиб «мен онамни севаман!» деб бақиради?.. Бу одам бақираётган маҳалда онаси ўлим тўшагида, оғзимга ким бир томчи сув томизаркин, деб илҳақ ётган бўлади... Анвар бу ҳақда кўп ўйлаган. Ҳозир ҳам хаёлида шу фикрлар. «Халқим» деб юрганлар, «ватанпарварлар» уни яна сотишибди. Ҳамкасбини сотган одам эртага шу халқни, шу Ватанни сотмоғи мумкин эмасми? «Ҳаммаёқни сотқин босиб кетган, ҳатто бир вужуднинг ўзида ўнг қўл чап қўлни сотади...» Анвар шуларни ўйлаб, тунов куни Собитхон қори айтган гапни эслади. Шайтон Одам Атога ҳасад қилиб Оллоҳнинг қаҳрини келтиргач, «шу бандангни менга топшир, мен уни тўрт томонидан ўраб олай» деган экан. Оллоҳнинг «бандамни қандай ўрамоқчисан?» деган саволига шайтон: «Мен уни олд томондан амалпарастлик пардаси билан ўраб, кўзини кўр қиламан. Ўнг томонини нафс балоси, чап томонини эса ваҳшат ва фаҳш пардаси билан ўрайману ўзим орқасига ўтиб, аста-аста жаҳаннам сари итариб бораман», деб жавоб берган экан. Анварнинг назарида ҳар бир одам орқасида бир эмас, бир неча шайтон туриб олгандай. Кўзлар боғланган, одамларнинг эса нафс жиловлари ечиб юборилган...

Анвар қайси кўчалардан юргани, қайси трамвайга чиққанини дастлаб дуруст идрок этмади. Хаёллар тўфони бир оз босилиб, кўчалардаги таниш манзараларни фарқлай бошлагач, жиннихонага бораётганини фаҳмлади. «Ўша ерда ётганим ҳам дуруст эди, — деб ўйлади у. — Ҳарҳолда улар бир-бирини сотмайди-ку, бир-бирини иғво қилмайди-ку, амал талашмайди-ку...» Мўлжалдаги бекатда тушиб, тор кўчага бурилганида ҳам хаёлида шу фикр эди. Назарида ҳозир у боради-ку, жиннихона уни қучоқ очиб кутиб олади. У Асадбек билан бош табиб орасида бўлиб ўтган қисқа суҳбатдан бехабар, бу даргоҳ эшиги унинг учун тақа-тақ беркилганини билмас эди.

Табиббоши унинг «тоби қочганини» эшитиб, кулимсиради.
— Ҳозир баҳор ҳавоси. Ҳамманинг юраги сиқилади. Кўпроқ очиқ ҳавода юринг, ўтиб кетади, — деди мулойимлик билан. У Анварнинг барча гапларига ана шундай мулойимлик билан жавоб қайтарди.
— Эртага Элчин билан бирга келаман. Жой тайёрлаб қўйинг, — деди Анвар.
— Ким билан келсангиз ҳам сизга жой йўқ. Сиз соппа-соғ одамсиз. Ўзингизни ҳам, бизни ҳам қийнаманг.
— Кўнгул пора-пора, дил жароҳатга тўла... Мирзо Анвар, сени жиннилар ҳам сафларига қабул қилмаслар. Аросатда чирийсан, энди вужудинг ваҳшат ичра тор-мор ўлажак! — Анвар саҳнада сўйлаётган каби баландпарвоз оҳангда гапириб, ўрнидан турди.

Жиннихонадан чиқиб трамвай йўлига бориш учун қабристонни кесиб ўтган тор кўчадан юриш керак. Қабристон устидан юриб бораётганларини билган айрим ҳайдовчилар машиналарини секинлатадилар, айримлар танга ташлаб ўтадилар, айримлар эса тезликни камайтирмай, ёмғирдан мерос қолган кўлмакларни сачратиб ўтиб кетадилар.

Қабристоннинг пастак деворига қадалган энсиз йўлакчадан бораётган Анвар беихтиёр индамаслар дунёсига кўз ташлади. Ёруғ дунёда биров бой, биров камбағал яшагани билан, ўлим топганидан сўнг тенглашади, дейишади. Дарҳақиқат, бойга ҳам, камбағалга ҳам ўша ер, ўша кафан тегади. Униси ҳам, буниси ҳам тупроққа қорилади. Аммо алдамчи бу дунё худбинлигига банди одамлар қабрларнинг тепаларига мармар тошлар бостириб, қабрда ётган одамнинг ёруғ дунёда пулдор бўлганидан огоҳ этиб турадилар. Анвар шу хаёлда тўхтаб, бир-бирига мингашиб кетган қабрларга разм солди: қора мармар, оқ мармар... ғишт сағаналар... Ҳеч қандай тош ўрнатилмасдан суваб қўйилган қабрлар усти эса лолақизғалдоқларга бурканган. Баҳор ўзининг неъматларини фақат шу қабрлар устига сочган. Қаққайиб турган қимматбаҳо тошлар бу гўзаллик орасида шумшайиб, кўзга хунук кўринади. Анварнинг назарида қабрдаги руҳлар лолақизғалдоқларга айланиб, бу дунё кўркамлигидан шодланар, тош остидагилар эса эзилиб, зулматга банди эдилар...

«Тириклик билан ўлим ўртасида шу паст, юпқа девор бор, — деб ўйлади Анвар. — Деворнинг у томони осойишталик. Бу томони нотинчлик. Ҳасад ўтида қовурилиб, бир-биримизга хоинлик қилиб, охири у томонга ўтамиз. Риё, хиёнат, ҳасад, мунофиқлик... хасталикларига тупроқ остида даво бормикин? Умри шу хасталик билан ўтган, бу хасталигидан ўзи лаззат олиб яшаганлар у дунёда нимадан роҳатланар эканлар?.. Мен ҳам бир кунмас-бир кун келаман. Жисмим тупроқ остида, руҳим бошқа томонларда бўлади. Кимдир деворнинг нариги томонидан туриб, қабримга қарайди. «Бу ерда ётган ким экан, тириклигида нима каромат кўрсатган, экан?» деб ўйлайди. Қабрим, унинг устида очилган лолақизғалдоқлар соқов — унга жавоб беролмайди. Чайқалиб турган лолақизғалдоқлар ҳозир мени кўриб туришибди. Менга нимадир дейишяпти. «Биз ҳам холидийлардан куйганмиз, қўй у дунёни, кел биз томон», деяптими? Одамлар олтмиш-этмиш ёшга тўлдим, деб зиёфатлар берадилар. Бунга қувониш эмас, балки қайғуриш керакдир? Узоқ яшамай, деворнинг у томонига тезроқ кетиш балки айни бахтдир?..»

3

Анвар кўчасига бурилиб, эшиги рўпарасида турган оқ «жигули»ни кўриб ажабланди. «Меҳмон келибди шекилли», деб қадамини тезлатди. Машинага яқинлашгач, ундан жингалаксочли йигит тушиб, салом берди. Анвар уни қаердадир кўрган эди. Дафъатан қачон, қаерда кўрганини эслолмади.
— Бек акамнинг сизда ишлари бор экан, — деди йигит.
— Бек акангиз... ким?
— Асадбек ака.

Анвар энди эслади — бу йигитни Элчиннинг тўйида кўрган эди.
— Ҳозир боришим керакми?
— Ҳа.
— Тинчликми, ўзи?
— Борганда биласиз...

Анвар машинага ўтирди.

Асадбек шаҳар марказидаги хос хонасида Чувринди билан маслаҳатлашиб ўтирар эди. Эшик очилиб, аввал Жамшид кўринди. Сўнг Анвар кириб келди.
— Келинг, мулло Анвар, — деди Асадбек ўрнидан туриб. — Бормисиз, бу оламда?
— Юрибмиз, Худо деб...

Асадбек уни такаллуф билан кутиб олди. Анвар «Элчин ҳақида бир гап деса керак», деб ўйлади. Лекин Асадбек бу ҳақда сўз очмай, Анварни гангитиб қўядиган саволни берди:
— Жиннихонада яна нима қилиб юрибсиз?

Анвар «бекорчиликда шундай айланиб борувдим», демоқчи бўлди-ю, гапни чалғитишнинг фойдаси йўқлигини англаб, индамай елка қисиб қўя қолди.
— Қўйинг-э, мулла Анвар. Сизга ярашадиган иш эмас бу. Сиз бизга тарихимизни тўппа-тўғри гапириб беринг. Биров ғиди-биди деса бизга қўйиб беринг. Сиз мен ҳақимда ваҳимали гапларни кўп эшитгансиз. Шу ваҳималарнинг бир фоизи ҳақиқат. Мен бировнинг бурнини ножўя қонатган боламасман. Аксинча, мени бу ҳаётда ноҳақдан-ноҳақ роса тепкилашган. Ноҳақ жабр чекиш нималигини яхши биламан. Менинг ўз адолатим, ўз ҳақиқатим бор. Бу адолатим сизни хўрламоқчи бўлганларнинг танобини тортиб қўйишга рухсат беради. Керак бўлса, Холидий деганингиз келиб оёғингизга бош уради.
— Йўқ, керакмас.
— Мен уни мажбур қилмайман. Бунга ўзингиз эришасиз. Сиз ишингизни қотириб бажарганингиздан сўнг тан беришга мажбур бўлади. Тан бериши оёққа бош уриши билан баравар.
— Хотирингизни жам қилинг, Бек ака, улар икки дунёда бировга тан беришмайди. Итнинг думига айланган сувилондан нима кутиш мумкин?

Анвар Асадбекнинг лақаби «ўқилон» эканини билмаган ҳолда сувилонни итнинг думига айлантирди. Сувилон билан ўқилон қулоққа деярли бир хил эшитилгани учун Асадбекнинг турқи бир ўзгарди. Бу ўзгариш узоқ давом этмай бир лаҳзада йўқолди — суҳбатдошлар сезмай ҳам қолдилар.
— Холидий деганингиз қамалиб чиққан экан, ҳақ-ноҳақнинг фарқига бормайдими?
— Қамалиб чиққанини қаердан билдингиз?
— Ўзи телевизорда кўп гапиради-ку? Қодирий ҳақида гапиришса ҳам чиқади, Усмон Носир дегани ўтган экан, у ҳақда ҳам гапирди. Кеча Ҳамид Сулаймон деган одамни ҳам устозим деди. Йигирма беш йил ўтирганми?

Анвар кулди.
— Ўтирган бўлса йигирма беш ҳафта ўтиргандир. Лекин у ёқда қанақа хизматлар қилган экан? Бек ака, сиз Шорасул Зуннун деган одамни эшитганмисиз? Лазиз Азиззода деганни-чи? Тўхтасин Жалолов, деган алломалар ўн йиллаб ўтиришган. Биронтасидан «мен қамоқда ўтирдим, азоб чекдим», деган гапни эшитганмисиз? Нима учун бу кўп вайсайди? «Қўрққан олдин мушт кўтарар» деган мақол бор-ку?
— Бу ёғини ўйламабман, — деди Асадбек иягини қашиб.
— Акам тўғри топдилар, — деди Чувринди суҳбатга аралашиб. — Кўп гапириши бежизмас. Урушдан кейин қанча одам қамалиб, қанчаси оқланиб чиқди. Биронтаси ғинг демайди. Битта ёзувчи қамоқдан китоб ёзиб чиққан эканми?
— Ҳа, — деди Анвар. — У киши ҳам индамай кетдилар...

Эшик қия очилиб, Жамшид кўринди. Асадбекнинг савол назарига жавобан телефонни имлаб кўрсатиб, «Элчин ака, куёвингиз», деб гапни қисқа қилди.
— Ҳа, тинчликми? — деди Асадбек гўшакни қулоғига тутиши билан. Элчин тўйдан кейин ўзича бир келиш у ёқда турсин, қўнғироқ ҳам қилмаган, шу боис, Асадбек унинг бу кутилмаган йўқловидан бир оз хавотирланган эди. Элчиннинг нималар деганини хонадагилар эшитишмади.
— Ким? Академикми? — Асадбек шундай деб Чувриндига қаради. — Қанақа иш? Шунақа зарурми? Яхши, келинглар, ўртоғингиз ҳам шу ердалар. Анвар. Ишим бор эди, чақиртирдим. — Шундай деб гўшакни норози бир қиёфада жойига қўйди.
— Хуллас, мулла Анвар, сиз ишингизни қилаверинг.
— Хўп, кетаверайми!

Асадбек унга қараб кулимсиради.
— Ўхшатмасдан учратмас, деганлари рост. Икки ошна роса топишгансизлар. Бировнинг гапи ёқмаса, дарров жириллаб берасизлар, «Насиҳатга ҳам, ёрдамга ҳам муҳтож эмасман», демоқчисиз-да, а? Акаси, бизни нима деб сўксаларингиз сўкаверинглар. Қулоқларимиз бунақа сўкишларни эшитавериб пишиб кетган. Аммо биз ҳам одаммиз. Дардимиз фақат пулу сиз ўйлагандек одам ўлдириш эмас. Бизда ҳам юрак бордир, дард бордир, борингки, виждон ҳам бордир. Темир таёқ эмасдирмиз ҳар қалай. Ҳеч бўлмаса «нимага чақиртирдингиз, юмушингиз бормиди?» деб сўрамайсизми? Мен ёшларга насиҳат қилиб ўтирадиган бекорчи бобой эмасдирман?
— Мен унақа демадим-ку?
— Тилга чиқариб айтмасангиз ҳам, ранг-рўйингиз билдириб турибди. Мен сиз билан учрашиб, маслаҳатлашмоқчи эдим... Тўғрироғи, бир илтимосимни айтмоқчи эдим. Отамни қирқ тўққизинчи йилнинг ўттиз биринчи декабрида олиб кетишган. Нимагалигини ҳалигача билмайман. Олтмиш биринчи йилда суриштирганимда бир парча қоғоз беришди. Эллик учинчи йилда вафот этган эканлар. Эллик бешинчи йилда оқлашган экан. Билганим шу. Архивларни титишга ақлим етмайди. Кўмилган ерларини аниқламоқчи бўлдим, яқинлаштиришмади. Менга ўхшаганларга рухсат беришмайди, шекилли. Сиз олим одамсиз, бир шуғулланиб кўрсангиз...
— Мен ишдан қочмайман, аммо бизнинг ҳам архивга етиб боришимиз қийин.

Асадбек Чувриндига қаради.
— Бу ёғидан хотиржам бўлинг, — деди Чуврин-ди. — Қанақа тўсиққа дуч келсангиз, менга айтаверинг.

Хушбичим қиз нозли юриш билан кириб келди-да, чақалоқнинг муштидай кичкина, зарҳал юритилган пиёлаларга қаҳва қуйиб узатиб, ширин жилмайиш ҳадя этгач, яна ўша нозли юриш билан чиқиб кетди. Асадбек унинг юришига ҳам, жилмайишига ҳам эътибор бермади. Чувринди кўз қирини ташлади-ю, ўзини тийди. Кесакполвон бўлганида жилмайишга жилмайиш билан жавоб бериб, қизнинг изларини кўзлари билан ўпиб чиқарди.

Асадбек қаҳвадан хўплаб, отаси ҳақида билганларини сўзлаб берди. Ўша янги йил кечаси ва тонгидаги кечинмаларини айтмади. Аввало бу кечинмаларини баён қила олувчи сўзамол эмасди, қолаверса, бу кечинмалар айтилгани билан бировга, айниқса бу олим йигитга таъсир этадими ё йўқми — Худо билади. Отаси ҳақидаги ҳикояси Элчин билан Зелихон кириб келгунича давом этди.

4

Зелихон: «Гапимни ёлғиз ўзингиз эшитишингиз керак», дегач, Элчин билан Анварга қўшилиб Чувринди ҳам хосхонадан чиқди. Бўтқа уларни ўнг томондаги хонага бошлади. Чувринди у ёққа кирмай, кўчага чиқиб кетди.
— Оғайнингнинг сендан яширадиган сири борми?— деди Анвар, ёлғиз қолишгач.
— Мендан эмас, сендан яширади. Сен ҳар ҳолда синашта эмассан.
— Бу оламнинг одами эмассан, десанг-чи?
— Шунақа деса ҳам бўлади. Буларнинг ўзига яраша ташвиши бор. Уларнинг тилига биз тушунмаймиз.
— Ҳозир бировнинг шўрини қандай қилиб қуритишни келишиб олишадими?

Элчин ўртоғига норози қиёфада қараб олди. Анвар унинг кайфияти унча эмаслигини сезиб, бошқа гап қўшмади. Шу онда нурнинг айтганларини эслади: «...дўстингнинг дўсти хавф остида...»
— Эл, оғайнингнинг иши пачавароқ эмасми?
— Нимага ундай деяпсан?
—Тўғрисини айт, хатарли гирдобга тушиб қолмаганми?
— Йўқ.
— Унда нима учун бу ерга бошлаб келдинг?
— У бир ёмонликнинг исини сезиб қолган. Шу ёмонликни қайтармоқчи.
— Демак, шу... — деди Анвар паст овозда, худди ўзига ўзи гапиргандай.
— Нима дединг?
— Оғайнингнинг ҳаёти хавф остида, уни йўлдан қайтар.
— Жиннимисан, нима деяпсан?
— Олдин жинни эдим. Тузалгансан, деб ўзинг олиб чиқдинг-ку? — деди Анвар пичинг билан. Элчин беихтиёр ножўя сўз айтиб юборганини билиб, узр сўрагандай уни тиззасига уриб қўйди.
— Сен ҳам экстрасенс бўлиб қолдингми? — деди гапни ҳазилга буриб.
— Жиддий гапиряпман. Оғайнинг керак бўлса, тўхтатиб қол.

Элчин бир оз ўйлагач, елка қисди.
— Уни тўхтатиб бўлмайди. Ёнига балки биз ҳам қўшилишимиз керакдир?
— Мен ҳамми?
— Билмадим... Бир жойда катта уруш чиқадиганга ўхшайди. У шунинг олдини олмоқчи. Қаерда, қанақа уруш, менга айтмади. Олдиндан миш-миш тарқалишини истамаяпти.
— У ўғримиди?
— Ҳа.
— Ўғриликдан қайтдими?
— Йўқ. Ўлгунча ҳам қайтмайди.
— Қанақадир урушга аралашиб нима қилади?
— Билмайман.
— У чечен, а? Қадимда миллатлар, турли уруғлар бўлиниб олиб бир-бирини қирган эди. Ўшанақа урушнинг ҳиди келмаяптими? Ҳозир бунақа қирғинлар кўпайиб қолди-ку? Иккита миллатдан иккита тентакни уруштириб қўйиб, ўт чиқариш осон ишга айланди.
— Анвар, ростдан ҳам билмайман. Менга очиқ айтмади. Жума куни Фарғонага тўйга бормоқчимиз, балки йўлда айтар?
— Балки унгача қайнотанг айтар?

Жамшид билан Бўтқа кириб, уларнинг суҳбати узилди. Жингалаксочни кўрди дегунча Элчиннинг баданига титроқ кирадиган бўлиб қолган эди. Бўтқа уларга пиво қуйиб бериб, чиқиб кетди. Жамшид бу уйда одам борлигига парво қилмай, мақсади худди суҳбатни узишдан иборат бўлгандай, юмшоқ ўриндиққа чўкиб, индамай ўтираверди.
— Сен ўшанда Учқудуққа борганингда қамоқнинг ичидаги қамоқда ўтирган эдим, — деди Элчин, худди суҳбатни узилган жойидан давом эттираётгандай. — Бир хунасароқ одам бор эди, ҳамма нарсага бурнини тиқаверарди. Бир куни шартта оғзига пайтавасини ёпиб, кекирдагидан олдим. Мендан гумонсирашди-ю, аммо бўйнимга қўйиб беришолмади. Бир-икки одам ўлдирганингдан кейин хумори тутиб тураркан. Қамоқда хуморёздига имкон бор эди. Қутулиб келганимдан бери хумор тутиб, қийналиб кетяпман.

Анвар Элчиннинг мақсади бу йигитнинг жиғига шунчаки тегиш, деб тушунди. Дўстининг Жамшидга нисбатан нафрати кучли экани, юрагида ўч туйғуси борлиги, шубҳасиз унга қоронғи эди. Шу сабабли Элчиннинг гапига ўзича тўн кийдирди:
— Энди ўлдирсанг, бир-икки қошиқ иссиқ қонидан ичиб юбор, шунда хуморинг қўзимайдиган бўлади. Қадимда жаллодлар шундай қилишар экан. Қассоб қонсираса, шартта битта қўйми, хўрозми сўяди. Жаллод қонсираса нима қилади? Подшолар ҳар куни одам сўйишга ҳукм чиқаришмаган-ку? Умуман, ошна, сенга ҳавасим келади. Мен ҳам бир-иккитасини ўлдиришим лозим-ку, аммо қўрқаман. Қўлим қалтираб кетса керак. Лекин икки марта хўроз сўйганман. Иккинчисида типирчилашидан қўрқиб қўйиб юборибман, дегин...
— Одамнинг иши осон. Кекирдагига соласан, тамом...

Икки ошнанинг гапларини эшитиб, Жамшид эснаб қўйди.

5

Асадбек Зелихоннинг гапларини диққат билан эшитди.
— Бу ишга менинг нима алоқам бор? — деди пича мулоҳаза қилгач.
— Ҳосилбойваччани сиз йўлга солишингиз мумкин.
— Менми? Ким айтди буни сизга?
— Шаҳарнинг зўри учта. Учинчиси Марканян. У аралашмайди. Икки урушқоқ подшонинг кучи қирқилса унга яхши.
— Ҳосилга сўзим ўтмайди. У ўзиникини маъқуллайдиган бола. Унга Хонгирей бир нарса деса балки...
— Хонгирей ҳам аралашмайман, деяпти. Хонгирейни ҳукуматнинг одамлари огоҳлантириб қўйишганга ўхшайди.

«Хонгирейни огоҳлантиришган бўлса... демак... биз аралашгудай бўлсак, ҳукумат бизни ҳам омон қўймайди. Истаса, бир кечада яксон қилиб ташлайди, — деб ўйлади Асадбек. — Бу чечен нимага типирчилаб қолди? Тўртта ўзбек билан турк урушса унга нима? Сибирдаги қамоқхоналардан каллакесарлар қочган бўлса, ўзбек билан туркнинг урушига нима алоқаси бор? Улар кимга хизмат қилади?..»

Асадбек Зелихонга тикилди. Бу чақчайган, ўткир қарашли кўзларда мунофиқлик учқуни борми-йўқми, аниқламоқчи бўлди. Бир неча нафаслик нигоҳ буни аниқлаш учун кифоя этмади. Асадбек қаттиқ тикилса, унча-бунча кўзлар дош беролмасди. Зелихон эса «ўқилон» деб ном чиқарган бу одамдан заррача тап тортмай ўтираверарди. Аслини олганда, жиноятчилар оламининг ёзилмаган қонунига кўра, улар бир-бирларига душман эдилар. Зелихон Асадбекдан ёмонлик кўрмаган, унга даъвои ҳам йўқ, уни душман деб билмайди. Шунинг учун ҳам бу ерга дадил келди. Элчин билан Асадбек орасидаги душманлик тўйдан кейин камайган деган фикрда. Бироқ, Асадбекка Зелихоннинг ким экани маълум, кейинги ойлар ичи кўрган ташвишлари шу одам туфайли эканини, қизини ўғирлаб зўрлашда ҳам, Шилимшиқни ўлдиришда ҳам Элчиннинг ёлғиз бўлмаганини энди аниқ билади.

Элчин қўнғироқ қилганидан сўнг Анвар билан суҳбатини давом эттирган бўлса-да, хаёлининг бир чети «уларнинг мақсади не экан?» деган саволга жавоб топиш билан банд эди. Зелихон воқеани баён қилаётганида ҳам, ҳозир ҳам шу саволга жавоб изларди. Зелихоннинг тўғри гапларига ишона қолмасди.

Асадбек шу пайтгача кўнглини ранжитган одамни кечирмаган. Тиз чўкиб тавба қилганлар ҳам унинг ғазабидан бенасиб қолишмаган. Йўқ, у гуноҳкорларни бир четдан ўлимга ҳукм қилавермас эди. Ўлим — сўнгги чора. Бу чорани камдан-кам ҳолларда қўлларди. У жорий этган ўзига хос жазо усуллари мавжуд. Сулаймоновнинг тақдири, Шилимшиқнинг сургун қилиниши ана шу усулларданки, сиз бунга гувоҳсиз. Асадбек кейинги пайтда кўнгли бўшлик қиляптими ё эҳтиёткор бўлиб қолганми, ҳар нечук жазо усулларини юмшатди. Рўпарасида ўтирган чеченни уч-тўрт йил аввал бўлганида ўйлаб ўтирмай ўлимга ҳукм қилиб юборарди. Ҳозир эса унинг маслаҳатларига қулоқ тутиб ўтирибди. Унинг гуноҳини кечириш мумкинми? Гапларига ишониш керакми? Мақсади Ҳосилбойвачча билан уруштириб қўйиш бўлса-чи?..
— Мен ўша томонларнинг тузини ичганман, — деди Зелихон, орадаги сукутни бузиб. У бу ёққа келаётганидаёқ Асадбекни ишонтириш осон эмаслигини билган эди. Асадбекнинг ўйга толганини кўриб, фурсатдан фойдаланди — ўтмишдан сўз очди. — Ўғирликни ҳам ўша ёқда ўрганганман. Бир кун устам билан бойвачча одамнинг уйини урдик. Ҳамма нарсасини шилиб кетаётганимизда устамнинг кўзлари бир халтага тушиб, менга «қара-чи, нима экан», дедилар. Қоронғида нималигини билмай, ялаб кўрсам, туз экан. Устамга «туз экан», десам, «қайдан билдинг?» дедилар. «Ялаб кўрдим», дедим. «Ў, падарлаънат, касофат», дедилар-да, тўплаган мол-матоҳни уй ичига қайтардилар. «Бу хонадонда туз ичгандай бўлибмиз, молини ўғирласак, гуноҳга ботамиз», деб, қуп-қуруқ чиқиб кетдилар.

Асадбек бу ҳикоя нима учун айтилганини аниқ тушунмай:
— Ҳа, шунақа мард одамлар бор эди, — деб қўйди.

Зелихоннинг ҳикояси ёдига устозини солди. У одам ҳам ғоят мард эди. Улар эгасиз ҳовлида ошиқ тепишарди. Асадбек болаларга қўшилиб тамошага келарди. Қиморбозларнинг улар билан ишлари йўқ. Кейинчалик Асадбекни қанотига олган Садирбеккина болаларни ҳайдагани ҳайдаган эди. Садирбек бунинг сабабини анча кейин, Асадбек уйланаётган маҳалда тушунтирди:
— Қиморбоздан Худо безор, болам, — деган эди у. — Қўлимдан миллион-миллион сўм пул ўтди. Аммо бирим сира икки бўлмади. Сени болам деганман. Вақти келса, болам бўлиб, бир парча кафанга ўраб кўмиб қўйсанг бас. Эсингдами, болалигингда нуқул сенларни ҳайдардим. Ўшанда мен қиморни ўрганишларингни истамасдим. Пешонангда бор экан, сен қўшилиб қолдинг. Бизни Худо ургани етарли... Сенга айтадиган гапим битта: никоҳингнинг эртасигаёқ қиморни ташлайсан. Кўнгил узолмасанг, қозилик қил. Тирикчилигинг ўтиб туради. Аммо қимор ўйнама. Сен бир куни «нима учун уйланмайсиз?» девдинг. Саволингга энди жавоб берай: бир қизни суйиб уйланган эдим. Йигирма кунлик куёвман, улфатларим «супрақоқди»га келишди. Бирпасда бор нарсамни ютқаздим. Келиннинг деворга ёйилган латта-лутталари ҳам кетди. Йигирма кунлик келин «еримнинг ўртоқлари келибди», деб хизмат қилиб юрибди. Бир маҳал у самовор кўтариб ўтиб қолмайдими, кўзим унга тушиб қолмайдими, шайтон «хотинингни тик», деди, шартта тикиб юбордим. Ютқаздим. Мен ялиндим, хотиним дод деди, қаёқда, қий-чувга парво қилмай, отга ўнгариб олиб кетди. Шу хотиннинг уволи тутади мени...

Йиғламсираб айтилган бу гаплар Асадбекнинг юрагига михланиб қолди. Қиморни ташлади. Аммо устасини одам қаторида дафн қилиш унга насиб қилмади. Русия томонларга кетганича қайтиб келмади. Шериклари ҳам тайинли жавоб айтишмади...

Ҳозир Асадбек шуни эслади. Эслади-ю, аммо тилига чиқармади.
— Мен ўша жойнинг тузини ичганман, — деди Зелихон, гапини такрорлаб. — Урушда бизни ҳайдаб келишган. Биз тиғ кўтариб келмадик. Бўш қўл, оч қорин билан келдик. Онам ҳам, бувам ҳам ўша ёқда ётибдилар. Кафанликни ҳам ўзбеклар беришган. Мен кичкина бола эдим. Итдай хор қилиб ҳайдаб келишган. Туркларнинг бошига ҳам шу кун тушган. Хорлик нималигини биламан. Бувам ичган тузингни оқла, деганлар. Ўғри бўлиб кетдим. Бувамнинг васиятларини бажармадим. Энди ҳам қараб турсам ярашмайди. Сиз гапларимга ишонмаяпсиз.
— Ҳа, — Асадбек шундай деб ўрнидан турди.
— Тўғри қиласиз, — деди Зелихон, — дарров ишонсангиз, сизни нодон дердим.
— Мен ўйлаб кўраман. Сиздан бир илтимосим бор. Элчин кўпроқ сизга суянади. Гапингизга қулоқ солади. Унга тайинланг, жим юрсин. Ҳаддидан ошмасин. У ашулачи, ашуласини айтиб юраверсин.
— Сиз ҳақсиз. Мен ҳам унга шундай дедим.

XXIII боб

1

— Тўйхонами ўзи, бу? — деди Зелихон, Аҳадбей билан қучоқлашиб кўришиб. — Нимага жимжит? Мана, ўзбекнинг энг зўр ашулачисини олиб келдим. Тўйингни гуллатиб беради. Тўйингнинг довруғи бутун Фарғонага таралмаса, башарамга тупурасан.

Аҳадбей ошнасининг гапларидан кулимсираб, Элчин билан кўришди.
— Мана, сизлар келдингиз, тўй энди бошланади-да, — деб уларни ичкари бошлади.

Пастак дераза олдида ўтирган Исмоилбей уларни кўрган эди. Меҳмонлар остона ҳатлаб уйга кирмай туриб, уларга пешвоз чиқди.
— Омон келдингми, болам, кўзим тўрт бўлиб ўтирувдим.
— Самолёт вақтида учмай, хуноб қилди. Элчин, етмишга кирган куёв бола шу киши бўлади. Қани ота, қўлни узатинг, — Зелихон шундай деб Исмоилбейнинг бармоғига тилла узук тақди. Иккинчи узукни чолнинг кафтига қўйди. — Буниси холамга, ўзингиз тақиб қўйинг. Аҳадбей, ошна, сен билан мен бахтли одаммиз. Ота-онасининг олтин тўйини кўриш ҳаммага ҳам насиб қилмайди. — Зелихон ён чўнтагидан тахи бузилмаган бир даста пул чиқариб, Аҳадбейга узатди.— Ҳозир битта буқа топиб ағдарасан. Қозоннинг каттасини ос. Ошдан еганларнинг ҳаммаси шу ёшга етсин, олтин тўйларни кўрсин. Микрофонларни ўрнат, ҳофиз тинмасдан ашула айтади. Элчин келганини билса уйингга одамлар сиғмай кетади. Ўзбекларга ўзбекчасини, туркларга туркчасини айтади. Чеченчасини билмайди бу хумпар, билса уни ҳам айтарди. Бу ҳофизга етадигани йўқ, оламда!
— Болам, кел ўтир, — деди Исмоилбей, босиқ оҳангда. Шу оҳанг Зелихоннинг тантанавор кайфиятидаги ҳовурни ўчирди. Ота-боланинг кўзларида шодиёна учқуни кўринмаганидан ажабланиб, чол кўрсатган томонга ўтиб ўтирди. Исмоилбей пичирлаб дуо ўқиб, юзига фотиҳа тортди.
— Нима гап, тинчликми ўзи? — деди Зелихон.
— Тинчлик, — деди Исмоилбей, кейин ўзича нимадир деб пичирлаб, кўзини юмди. Бир неча тундан бери у тушида денгизни кўради. Тўлин ой денгиз адоғига ёнбошлаб, мавжлар узра узун нурли пояндоз ёзади. У ширинтой ўғлини елкасига ўтқазиб, шу пояндоз устида юриб боради. Бирдан ой юзини булут парчаси тўсади. Пояндоз йўқолиб у сувга шўнғийди. Қанча типирчиламасин, сув қаърига тортаверади. Бу манзарани бир марта кўрса, сув ёруғлик деган таъбирни эслаб қўя қоларди. Кетма-кет кўраётгани учун ҳайрон... Кечаги воқеадан сўнг кўнглига хавотир оралади.
— Масковдаги вакиллар келишдими? — деб сўради Зелихон. У ота-боланинг нохуш кайфиятига шу таъсир этдимикин, деб ўйлади.
— Қайтишди, — деди Аҳадбей, отасига бир қараб олиб. — Тарвузлари қўлтиқларидан тушиб қайтишди. Масковнинг қайтаргиси йўқ.
— Дуч келган ерларда яшаб кетаверадиган одамлар Ватаннинг қадрига етармиди? Қорин дардидаги одам Ватан дардига тушуна олмайди. Борманглар, девдим, қулоқ солишмади, — Исмоилбей шундай деб хўрсинди. — Ватанга қайтарадиган нияти бўлса, ўшанда ҳайдаб чиқаришмас эди. Яхшилик билан битадиган иш эмас бу.
— Хоҳласангиз, Ўзбекистон ичида мухтор вилоят ташкил этиб берайлик, дейишибди.
— Бундан фойда борми? — деди Зелихон Аҳадбейга қараб.
— Уларга наф бордир. На турклар, на ўзбеклар бир наф кўради бундан.
— Бизга мухтор вилоят эмас, Ватан тупроғи керак, — деди Исмоилбей. — Масковга умид билан кетдилар-у, жонга ҳаловатли хабар келтира олмадилар. Бу юракда энди на қуёш бор, на нур, на ҳаёт қўшиғи бор. Дарёдаги ёлғиз қайиқдай, маёқсиз сузамиз. Юрт ғафлат уйқусида бежон ва беҳуш. Қўрқинч булутлари даф бўлиб, ойдин чиқар, деб янглишибмиз...

Зелихон тиззасига шапати урди.
— Масков бугун кўнмаган бўлса, эртага кўнади. Шунга мотам тутиб ўтирибсизларми? Тўй тўйдек бўлсин!

Исмоилбей аста ўрнидан туриб, қаддини машаққат билан тиклади-да, уйдан чиқди.
— Оқсоқолни хафа қилиб қўйдимми? — деди Зелихон, Аҳадбейга ажабланиб қараб.
— Йўқ, хафа бўладиган гап гапирмадинг. Бир-икки кундан бери кўнгиллари нима учундир хижил бўлиб юрибди.
— Ўзинг-чи? Сен нимага тумшуғингни осилтириб олгансан? Нимага одамлар кўринмайди? Тўй бугунми ё эртагами?
— Тўй... тўйни қолдирдик, ошна.
— Нима учун?
— Ўтган куни Қувасойда жанжал чиққан.
— Ўзбеклар биланми?
— Ҳа. Пивохонада бошланибди.
— Федя ўша ерда эканми?
— У кўринмай қолувди. Аммо...
— Охири нима бўлди?
— Бир йигитни отиб қўйишибди.
— Йигит ким, ўзбекми, отган — туркми?
— Отганни ўзимиз ушлаб топширдик. Тез суд қилиб ҳукм чиқаринглар, деб талаб қилиб турибмиз. Ўзбеклар орасида ғалати гап-сўзлар тарқаляпти.
— Қанақа?

Аҳадбей жимгина ўтирган Элчинга бир қараб олиб, паст овозда деди:
— Туркларнинг ваҳшийлиги ҳақида.
— Демак, бошланибди...— деди Зелихон, худди ўзига ўзи гапиргандай. — Тўйни тўхтатиб тўғри қилибсан. Элчин, сен уйингга қайтавер.
— Сиз билан бирга қолсам-чи?
— Хоҳишинг... Қани, Аҳадбей, ўрнингдан тур, кетдик.
— Қаёққа?
— Селимникига.

Селим уларни хушчақчақлик билан кутмади. Унинг қарашида хавотир ҳам сезилмади. Аксинча, кутилмаган меҳмонларга ҳуши йўқлигини яширмади. Уйга киришлари билан Зелихон шарт орқасига ўгирилиб, уни ёқасидан олди.
— Отган бола ким? — деди ғазаб билан.
— Танимайман.

Селим сўзини тугатмай, қорнидан мушт еди.
— Чўпчагингни энангга айтасан, — деди Зелихон иккинчи муштни тушириб. — Ким деяпман, сенинг одамингми?
— Йўқ, бу жанжалга биз аралашмадик. У бола ҳеч кимнинг одами эмас.
— Қаерда ўтирибди, Фарғонадами?
— Йўқ, шу ерда.
— Ҳозир олиб борасан, учраштирасан.
— Милисага гапим ўтмайди.

Қорнига тушган учинчи мушт зарби кучлироқ бўлдими, ҳарҳолда Селим милисага сўзи ўтиши мумкинлигини эслаб қолди.

Милисахонадагилар Селимнинг илтимосини рад этолмай, «қотилнинг амакиси бўлмиш» Зелихонга беш дақиқалик учрашувга рухсат беришди. Тўс-тўполонда уйидан милтиқ чиқариб ўқ узган йигитни кўрган одам уни биров билан урушадиган ҳоли бор, деб ўйламас эди. Мук тушиб ётган йигит Зелихонни терговчи деб ўйлаб, эринибгина қаддини кўтарди. Йигитнинг юз-кўзида кўкарган ёки тирналган жой йўқ эди. Кўзларида ҳам азоб учқунлари сезилмасди. «Наҳот, уриб-тергашмаган бўлса...». Зелихон тик бостириб бориб, даҳани остига муштини тиради.
— Менинг умрим қамоқда ўтган, — деди у дабдурустдан.— Шу сабабли сен билан пачакилашиб ўтирмайман. Тўғрисини айтмасанг, ичагингни бошингга салла қилиб ўраб кетаман. Милтиқни сенга ким берди?
— Ўзим олдим. Уйда турган эди.
— Нимага отдинг?
— Қувлаб келишди.
— Терговчига шундай дедингми?
— Ҳа.
— Мен терговчи эмасман. Менга тўғрисини айтишинг керак, тушундингми?
— Тўғрисини...

Йигит қорнига мушт тушиб, букчайиб қолди. Зелихон кекирдагидан чимчилаб, уни қаддини ростлашга мажбур этди.
— Наша чекасанми?
— Йўқ.
— Нашани кимдан олдинг ўша куни?
— Чекмайман, дедим-ку?

Зелихон унинг қорнига яна бир мушт урди. Букчайган қаддини бу сафар ростламади.
— Ким берди, Селимми?

Йигит оғриқ зўридан ингради, аммо жавоб бермади. Зелихон уни қулоғидан чўзиб, бошини кўтарди. Йигит қўрқиб кўзини олиб қочди. Зелихон икки бармоғини омбур қилиб унинг кекирдагини қим- чиди.
— Селим бердими?
— Ҳа...— йигит шундай деб ўқчиб юборди.

Зелихон боплаб бир тепсамми, деб хезланди-ю, «буни ургандан нима фойда», деб ўзини тийди.

2

Элчин Зелихонга қўшилиб милисахонага бормади. У Аҳадбей билан бирга эски «Запорожетс» ёнида қолди. Икковлон биттадан чекишди. Аҳадбей катта шаҳардаги об-ҳавони суриштирган бўлди. Табиатан камгапроқ Аҳадбей Зелихон таърифидаги «зўр ашулачи» билан нима ҳақда суҳбатлашишини билмас эди. Бир пайтлар лашкари шону шуҳратдан иборат бўлган Элчиннинг номи аввалдан таниш, унинг кейинги умри эса, табиийки, унга қоронғи эди.

Элчин Аҳадбейни сиртдан биларди. Зелихон қамоқдалигида ҳам, озодликка чиққанидан кейин ҳам у ҳақда гапирган эди. Бироқ Элчин Ватан ҳажрида диллари вайрон бу одамларнинг қисмати ҳақида ўйлаб кўрмаганди. Ҳозир унга қараб туриб, кам айтган ашулаларидан бирини эсламоқчи бўлди:

«Сен эй, бедард, найлайким, кўнгул дардини билмайсан...»

Шуҳрат булутида сузган чоқларида, дили қайғуга бегона, маишатга ошно дамларда кўнгул дарди ҳақида қандай куйлади экан? Ажаб, қўшиқнинг оҳангини ҳам унутибди. Энди у дил азоби нима эканини билади. Лекин бу одамга дардкаш бўла оладими? Эски «Запорожетс»ига суяниб турган Аҳадбей дардини тушуниш, боши узра тўпланаётган ҳасрат балоларини ҳайдашга кимнинг қурби етади? Хўрлик кўчасидан ўтиб келган Зелихон ҳам унинг дардини тўлалигича ҳис қила олмас... Бу дунёда қасос жомини сипқориб лаззатланиш учунгина тирик қолганман, деб ҳисобловчи Элчин Ватандан қувилган, бегона тупроқ узра тариқдай сочилган халқи тақдиридан куяётган одам дардига қандай шерик бўлиши мумкин? Аҳадбей юраги жаҳаннам азобларининг яқинлашаётганини сезиб беҳаловат тепади. Ҳадемай «Ватани йўқнинг имони йўқтур», деган тилларнинг, Ватан томон термилиб, нури қочган кўзларнинг гулханда куяжагини билмаса-да, қалбини ўша бўлажак аланга тафти куйдира бошлаган.

Аҳадбей мезбоннинг ҳадеб жим туравериши одобдан эмас, деган қарорга келиб, ёнидан Зелихон берган пулни чиқарди-да, Элчинга узатди:
— Мендан олмайди, сиз бериб қўйинг...— деди.

Элчин унинг мақсадини тушунди — йўқ тўйга тўёна олишни истамаяпти. Балки Зелихоннинг «битта буқа топиб, ағдарасан...» дегани малол келгандир? Мол сўйишга қурби етмаган одам тўй бошламайди. Зелихон соф кўнгилда тўёна берган бўлса-да, гапларидаги оҳангда бир оз манманлик, миннат сезилган эди. Элчин Аҳадбей шундан оғринган, деб ўйлаб, бош чайқади:
— Мендан ҳам олмайди. Феълини биласиз-ку? Сал қўполроқ гапиргани билан кўнгли тоза.

Аҳадбей кулимсираб, бош чайқади. «Мен унинг гапидан хафа бўлмадим», демади. Шуни айтса, «демак, барибир қўпол гапи дилини оғритган экан-да», деган фикр чиқиши мумкин эди.
— Сиздан илтимос ука... Отам айтдилар. Гапларини қайтара олмайман. Худо хоҳласа, замон тинчиса, тўйни қолдирмаймиз. — Аҳадбей шундай деб, Элчиннинг тисланишига қарамай, пулни пиджагининг чўнтагига солиб қўйди. — Худо хайрингизни берсин, ука...

Кўп ўтмай уларнинг ёнида Селимнинг машинаси келиб тўхтади. Селим иш битди, деган мақсадда хайрлашиш учун Аҳадбей сари қадам қўйганида Зелихон уни тўхтатди:
— Уйингга юр, — деди ғазаб билан.

Аҳадбей дўстининг авзойи бузилганини билиб, унга яқинлашди-да, билагидан ушлади.
— Зели, кетдик, — деди қатъий оҳангда.
— Сен нари тур, — Зелихон бир силтаниб, қўлини бўшатди-да, безрайиб турган Селимга ўшқирди: — Уйингга кир, хунаса!

Селим аҳвол чатоқлигини сезиб, қафасдаги қуш ҳолига тушди. Бир Зелихонга, бир хотиржам Элчинга қаради. Элчинни Зелихоннинг каллакесар шогирдларидан деб гумон қилиб, оёқларига қалтироқ югурди. Зелихон уни бўйнига чанг солиб, судради.
— Зели оға, сизга нима бўлди? Сизга нима ёмонлик қилдим...

Селим дарвозадан ичкари киргунча ялинчоқ овозда шу гапларни такрорлайверди. Остона ҳатлаши билан Зелихонни оёғи ҳам ишга киришди. Гўштдор одамнинг тўрт-беш қадам учиб тушганини орқадан келаётган Элчин ҳам, Аҳадбей ҳам сезмай қолишди. Селим ўрнидан туришга ҳаркат қилиб типирчилади. Зелихон унга яқинлашиб, сочини тутамлаб кўтарди-да, жағига мушт урди. Элчин Зелихоннинг муштлашишини кўп кўрган. Бунақа пайтда уни тўхтатиб қолиш жуда мушкул. Ажратмоқчи бўлганлар ҳам унинг муштидан ёки тепкисидан бенасиб қолмайдилар. Элчин, Селимнинг кимлигини, калтакка лойиқми ё йўқми, билмаса-да, Зелихонга эрк бериш номаъқул эканини фаҳмлаб, орқасидан қучоқлади. Аҳадбей чаққон юриб келиб, Зелихон билан Селим орасида туриб олди.
— Аҳадбей, қоч, — деди Зелихон, тишини ғижирлатиб.
— Зели, ўзингни бос, фойдаси йўқ.

Бу орада ошхона томондан аёл кишининг фарёди эшитилди. Бир нафас ўтмай, семиз хотин «вой-дод, эримни ўлдириб қўяди», деганича лопиллаб югуриб кела бошлади.
— Қайт, — деди Зелихон унга қараб ўшқириб. — Қайт, деяпман! Жойингда дамингни чиқармай ўтир!

Хотин унинг пўписасига парво қилмай, эрини тўсди. Аҳадбейнинг рўпарада туриши, хотиннинг қалқон бўлиб олгани ҳам фойда бермади. Зелихон бир силтаниб Элчиннинг қучоғидан чиқдию Селимни тепди. Хотин эр билан овора, Элчин билан Аҳадбей эса Зелихонни маҳкам ушлашди.
— Гули, милисага тилпон қил! — деб бақирди аёл, ошхона томон қараб.
— Зели, қўй уни, кетдик, — деди Аҳадбей.
— Йўқ, қўймайман, — деди Зелихон. — Ҳаммасини шу бошлаган. Қўйвор мени, — Зелихон шундай деб силтанди. — Қўйвор, бу хунасага тегмайман. Сен чиқиб маҳалладаги турклар билан ўзбекларни чақириб кел. Мен бунинг айбини бўйнига қўяман. Ўзбеклар буни тошбўрон қилишсин.

Аҳадбей итоат билан чиқди. У одам тўплашга улгурмай Селимнинг дарвозаси рўпарасида милисанинг машинаси келиб тўхтади. Ундан икки милиса йигит тушди. Улар остона ҳатлашлари билан Зелихон:
— Орқага қайтларинг! — деб буюрди.

Милиса йигитлар аввалига буйруққа итоат этиб, тўхтадилар. Сўнг «ким экан бу, бизга буйруқ берадиган?» дегандай яна бир-икки қадам қўйдилар.
— Қайтинглар! — деб бақирди Зелихон, сўнг Селимга ўгирилди. — Кимлигимни биласан, а? Айтиб қўй, қайтишсин!

Селим Зелихонга қўрқибгина қараб олиб:
— Қайтинглар, — деди.

Милиса йигитлар кўчага чиқишди-ю, аммо машиналарига ўтиришмади. Бу орада ўнга яқин одам тўпланди. Аҳадбей кўпчиликни айтган бўлса ҳам, чўчибми, мулоҳаза қилибми, чиқишмади. Зелихон оқ яктак устидан майда қавиқ тўн кийиб, белбоғ боғлаган, бир тутам оқ соқоли ўзига ярашган чолга яқинлашиб, қўш қўллаб сўрашди-да:
— Ота, — деди, — мана бу одамни танийсизларми?
— Ҳа, таниймиз, болам, — деди чол, юзи қонталаш Селимга ажабланиб қараб.
— Бу одам эмас, шайтоннинг урғочиси, буни ҳам биласизми?
— Ундай деманг, болам, бу ҳам Худонинг бир бандаси.
— Худонинг бандаси бунақа бўлмайди-да, ота. Бу одам тузингизни ичиб, тузлиғингизга тупурди. Кечаги тўс-тўполонни шу бошлаган. Отган бола билан ўзим гаплашиб чиқдим. Мен чеченман, ота. Аммо ўзбекнинг нонини еганман, сувини ичганман. Турклар билан қисматим бир. Бу бармоғимни тишласам ҳам оғрийди, бунисини тишласам ҳам оғрийди. Орада қон тўкилишини истамайман.
— Худо хоҳласа низо чиқмайди, болам. Қирқ йил бир гап ораламаган, энди оралайдими? Ёшлар...
— Йўқ, ота, калта ўйламанг. Буларнинг оёқлари зулмга қараб етаклаяпти. Бегуноҳ инсон қонлари тўкилади.
— Астағфируллоҳ, денг, болам. Ёмон нафас қилманг.
— Бу хунасани тошбўрон қилиб ўлдиринглар. Жавобини мен бераман. Тошбўрон қилмасаларинг ўзим ўлдираман. Шу савобни деб қамоқда чириб кета қолай.

Чол Зелихонга яқинлашиб гўштсиз бармоқлари билан унинг ғазабдан ёниб турган юзини силади. Зелихон сесканиб кетди. Бобосининг бармоқларини эслади. Бобоси ўлганидан бери бу юзларни биров меҳр билан силамаган эди...
— Болам, шайтонга ҳай беринг. Гуноҳи бўлса, ана, милиса турибди. Олиб борсин, сўроқ қилсин...

Чолнинг бармоқлари Зелихон вужудига ҳукм ўтказаётган ғазабини енгди. Ғазаб, нафрат чекинди-ю, бирдан хўрлик булути босиб келиб, кўзлари намланди.
— Ота, кўнгилчанглик қилманглар. Бунақаларнинг мингтасини йиғиштириб келсангиз, битта пичоққа соп бўлмайди-ю, аммо ҳаммаёқни қиёмат қилиб кетиш қўлларидан келади. Сиз милисага ишонманг, ота.
— Болам, мендай нодон чолга хўп, дея қолинг, юринг, — чол шундай деб уни елкасига қоқди. Шундан сўнг ҳозиргина шер кепатасидаги Зелихон қўй ҳолига тушди.
— Кетайлик, — деди Элчин, — ота тўғри айтяптилар.
— Мен бу хунасага яхшиликча айтган эдим, — деди Зелихон, худди ўзига ўзи гапиргандай. — Арининг уясини кавлама, кўчиб кет, девдим... Бу кўр, мен соқов эканман. Кўр билан соқов икки дунёда бир-бирининг гапига тушунмайди...— Зелихон шундай деб, бўшашган ҳолда дарвоза томон юрди. Милиса йигитларнинг олдидан ўтаётганида тўхтади: — Обориб тиқиб қўйиш қўлларингдан келадими? — Йигитлар жавоб ўрнига бир-бирларига саволомуз қараб олдилар. Зелихон улардан тасдиқ жавобини кутмаган ҳам эди. Агар Селимнинг адолатли жазо олишини билганида уни дўппосламас, одам тўплаб «тошбўрон қилинглар», демас эди.
— Ҳақиқий эркак бўлиш учун ўғил бола бўлиб, туғилиш кифоя эмас, — деб тўнғиллади Зелихон, «Запорожетс»нинг орқа томонига ўтириб. Бу гапни кимга қарата айтганини Аҳадбей ҳам, Элчин ҳам англамади.
— Бекорга бўғиляпсан, — деди Аҳадбей. — Гапингга кириб тошбўрон қилишганида баттар бўларди. Чол тўғри қилди.

Элчин суҳбатга қўшилмади. Унинг назарида ҳам оқсоқол энг тўғри йўлни танлаган эди. Элчин бу воқеани бир неча кундан сўнг яна эслайди. Ана ўшанда «Чол тўхтатмай, Селимни тошбўрон қилдирганида балки бу қиёмат содир бўлмасмиди», деб ўйлайди.

Табиатга ҳукм ўтказган қиш ер сатҳини безайди. Одам юрагида кўз очган қиш эса дилни музлатади, инсонга ҳусн бермайди. Кўнгилни ўз ҳукмига олган муз одам оласига хос меҳр-шафқатни маҳф этади. Оқибатда эса йиртқич ҳайвонларни ҳам лол қолдириши мумкин бўлган ваҳшийликлар содир бўлади.

Зелихон, чолнинг бармоқлари юзига тегиши билан кўнгли юмшаган бўлса ҳам, аламдан тушмаган эди. «Агар бир итни ўлдирсанг, одамлар сендан нафратланишади, — деб ўйлади у. — Олдин «бу ит қутурган» деб ишонтириб, сўнг ўлдирсанг, раҳмат айтишади. Селим итдан баттар махлуқ эди, қутурган итни балки даволаш мумкиндир. Пул қутуртирган одамни-чи? Уни фақат ўлдириш керак. Нимадан қўрқишди?..»
— Аҳадбей, аеропортга ҳайда, — деди Зелихон буйруқ оҳангида. — Элчинни кузатиб қўяйлик.
— Бир-икки кун қоламан, — деди Элчин, эътироз билдириб. — Ошна-оғайнилар билан отамлашиб кетай...
— Ўзинг биласан. Мен булар тинчигунча Аҳадбейникида бўламан. Аҳадбей, Фарғонага ҳайда. Федяни топайлик.

Элчин шаҳарни кесиб ўтган сой бўйида тушиб қолди. Эски «Запорожетс» машиналар оқимига қўшилиб бурилиб кетгунича орқасидан тикилиб турди. «Зели оға ҳозир гап кўтара олмайди, — деб ўйлади у. — Ташлаб кетсам ҳам бўлмайди. Жигарларим дўзахда куйса, мен жаннатда яйраб яшай оламанми, деди. Кўнгли ёмонлик сезяпти. Наҳот, арзимас жанжалдан катта фожиа туғилса?! Илгари йигитлар уришмаганми, бир-бирига пичоқ тортмаганми? Нимага энди қиёмат бошланиши керак? Қорабоғдаги аҳвол маълум. Тил бошқа, дин бошқа, дил бошқа. Тили бир, дини бир, урф-одати бир одамлар бир-бирларининг қонларини нимани баҳона қилиб тўкадилар? Зели оға ошириб юборяпти шекилли? Ҳар нима бўлганида ҳам, бир-икки кун шу атрофда юрай-чи... «Рақиб кула бошлар, яқин дўстинг аҳволингга чекмаса қайғу...» Элчин шу тўхтамга келиб, сой бўйидаги самовархона томон юрди.

Элчин яқиндагина бўёқдан чиққан сўрига бориб ўтирди. Сойнинг лойқа суви айқириб, бетон қирғоқни ялаб ўтади. «Одамнинг умри ҳам шу сойга ўхшайди, — деб ўйлади Элчин. — Дам мана шу лойқа сувдай зардоб тўлиб оқади. Дардини қаёққа сингдиришини билмайди... Ҳаёт икки қирғоғи бетонланган сойнинг ўзи. Бир қарич четга чиқмайсан. Айниқса лойқа дамларда қийин. Бу сой ҳам бора-бора тинчийди, тинади. Шунга мажбур, бошқа иложи йўқ...»
— Ассалому алайкум, Ҳофиз ака...

Қироат билан берилган салом уни хаёл дунёсидан қайтариб, овоз келган томонга ўгирилишига мажбур этди. Марғилоннухса дўппини бошига қийшиқ қўндирган, қалдирғоч мўйлови ўзига ярашиқли, кўзлари кулиб турувчи йигит Элчин ўгирилгач, яна бир марта салом берди-да, қўшқўллаб сўрашди.
— Омонмисиз, ака, бугун қуёш қаёқдан чиқди, деб турсам, сизнинг келишингиз экан-да, — йигит кўрпачанинг бир четига ўтириб, юзига фотиҳа тортган бўлди. — Сизни кўриб аввал кўзимизга ишонмадик. Ака, бир лутф кўрсатиб, бизнинг сўрига ўтсангиз, бир чўқимгина ошимиз бор эди.

Элчин бу йигитни танимагани учун таклифини қабул қилишга иккиланди.
— Сиз ҳеч хижолат бўлманг, ака, — деди йигит. — Санъат шинавандалари йиғилганмиз. Мен театруда ишлайман. Хизматга эндигина кирган вақтимда бир келган эдингиз. Шу-шу кўнгилни эгаллаб қўйгансиз. Исмим Толибжон, ака, марҳамат қилинг.

Элчин кўпам ноз этмай, ўрнидан турди. Тенгқур ҳамкасблар ичкарида давра қуришган экан. Уларнинг айримлари Элчинни аввал ҳам бир-икки кўрган, айримлари довруғини эшитган эди. Элчин шуҳрат отидан барвақт тушиб қолмаганида бундай даврани менсиб қўшилармиди, йўқми — Худо билади. Амалдорлар мансабдан тушган куннинг эртасигаёқ ёлғизланиб қоладилар. Ўзини дўст тутиб юрганлар юз буриб кетаверадилар. Шуҳрати сўнган санъаткорларни эса бу аччиқ қисмат кутмайди. Уларнинг мухлислари сақланиб қолади. Айниқса ҳамкасблар юзаки бўлса-да, қуллуқ қилиб турадилар. Инсофи бор санъатчи «осмонда сузиб юрганимда буни менсимай дуруст иш қилмаган эканман», деб хижолат бўлиши мумкин. Отдан тушса ҳам эгардан тушмайдиган хили эса, «мени иззат қилишга мажбурлар», деб йўнилмаган таёқдай ўтираверади. Элчин Фарғонада кўп бўлган, кўп зиёфатларнинг тўрида ўтирган. Кўп одамлар билан қўл бериб сўрашавериш ҳам эриш туйилган. Ҳозир ўша қилиғи эсига тушиб одамларни менсимай ранжитгандирман, деб бир оз уялди.

Даврадагилар Элчиннинг ташрифидан астойдил қувондилар. Меҳмонни хижолатга қўйиши мумкин бўлган гаплардан гапирмадилар, хотираларни тилга олмадилар. Элчин билган одамларни бир-бир эслаб, сўраб-суриштирди. Даврадагилар дам ҳазил билан, дам афсус билан жавоб қайтардилар. Ош сузилишидан олдин Элчин:
— Фарғона тинчми, ўзи? — деб сўради.
— Тинч бўлмай қаёққа борарди. Қизил пошшомизни Масковга депутат қилиб сайлаб қўйганмиз. Дўппини бошга чамбарак қилиб юрибмиз, қизил пошшо даврида Фарғонамиз би-ир гуллайдиган бўлиб турибди.
— Толибжон эрта-саҳарда биринчи овоз берган, — деди даврадагилардан бири. — Нима бўлса Толибжон жавобгар.

Аскияга суяги йўқ йигитлар Толибжонни бир-бир «олишгач», Элчин яна бошлаб қўйган гапига қайтди.
— Турклар тинчми?

Кутилмаган бу саволдан ҳамма бир-бирига қараб олди.
— Туркларга нима бўлибди, — деди Толибжон ажабланиб. — Бир гап борми?
— Ҳар хил мишмишларни эшитяпмиз.
— Бу мишмишлар етиб келмади бизга. Бир гап бор бўлса эшитардим. Қўшним турк. Кунда бўлмаса ҳам кун ора бир коса овқатни биз уларга илинамиз, эртасига улар бизга илинишади. Шавкат тоға деганимиз мени «ўғлим-ўғлим», деб бошига кўтаргудай қилади. Бугун эртаматан чиқиб иккита қўйимнинг жунини олиб бердилар, денг. Агар уларга тегишли нохушроқ гаплар бўлса, мен эшитардим. Шавкат тоға ҳамма дардларини менга айтадилар.

Элчин орага ноўринроқ савол ташлаганини фаҳмлаб, гапни театрга буриб юборди.
— Бугун Водилда контсертимиз бор, ака, ошдан кейин жўнаймиз. Биз билан бориб иккитагина ашула қилиб берсангиз, жаннатни ҳадя этгандай бўлардингиз-да...

Элчин бу таклифга кўнди. Уни тамошанинг иккинчи бўлимида чиқарадиган бўлишди. Тамошага тўпланганлар Элчиннинг келганини эшитган, дам-бадам «Элчин чиқсин!» деб ҳайқириқлар эшитилиб қолар, бу хитоблар унга довруқли кунларини эсига солиб, юрагини ҳаприқтирар эди. Элчин торни созлаб турганида Толибжон башанг кийинган бир йигитни бошлаб келди. Элчин унинг кўзларида ташвиш учқуни кўрди.
— Ҳа, Толибжон, баҳай? — деди ҳазил оҳангида. Толибжон жавоб беролмай, кўзларини олиб қочди. Унинг ўрнига йигит жавоб қайтарди:
— Мен обкомданман, мафкура бўлимидан, — у шундай деб ён чўнтагидан қизил гувоҳнома чиқарди.
— Қўяверинг, ишондим, — деди Элчин, гувоҳномага қарамай.
— Сиз бугун саҳнага чиқа олмайсиз.
— Нимага энди?
— Контсерт — мафкуравий тадбир. Репертуарини обком тасдиқлаган. Сиз нима айтасиз, биз билмаймиз. Маданият министрлигидан рухсатингиз бўлиши шарт.
— Жон ака, бу кишини биз таклиф қилганмиз. Ўзларича келганлари йўқ, — деди Толибжон бўғилиб. Элчин бу масалада анча гап-сўз бўлганини англаб, жилмайди:
— Толибжон, акангизни қийнаманг.
— Ҳа, ана, тушунар экансиз-ку! Мен буларга тушунтираман, деб жигарим қон бўлиб кетди. Ўтган ҳафта Дадахон деганлари келиб «қўзғалинг», деган ашула айтибди. Партбилетимни қўйишга сал қолди.
— Ташвишланманг. Айтмасам айтмабман-да. Сибирнинг совуғида томоқни олдириб қўйганман. Илгариги овоз йўқ. Қамалганимни эшитгансиз, а? — деди Элчин, обком вакилига синовчан тикилиб.
— Ҳа... йўқ... шунақамиди? — деди йигит. Кейин Толибжонга ўгирилди. — Мен жойимда бўламан.

У нари кетиши билан Толибжон бўралаб сўкди.
— Кимдир чақибди. Дарров етиб келибди-я! Ўзини гўлликка солишини қаранг... Билмасмиш... Ака, узр, энди...

Элчин бағрида ғазаб ўти аланга олаётганини яшириб, ҳазин жилмайди-да, унинг елкасига қўлини қўйди.
— Унинг жойи қаерда экан?
— Биринчи қаторда. Қоққан қозиқдек ўтиради.
— Сиз хижолат чекманг, Толибжон. Агар хўп десангиз, бир иш қиламиз. Бу нусха контсертда чиқмасин, деди-а? Мен танаффусда иккита ашула айтиб бераман. Сиз танаффус эълон қилинг-у, дарров пардани ёпманг. Чиққанимдан кейин ёпасиз. Хиралик қилса, мен билмадим, деб тураверинг.

Толибжон пича ўйлангач, таваккал, дегандай қўл силтади.
— «Пахта рақси»дан сўнг тайёр туринг.

Танаффус эълон қилиниб, беш-ўн одам ўрнидан қўзғолишга улгурмай, саҳнага Элчин чиқиб келди. Уни таниганлар бирданига қийқириб, ҳуштак чалиб юборишди. Шу заҳоти шошқич равишда парда ёпилиб, Элчин саҳна чеккасида тамошабинлар билан юзма-юз қолди. Ўринларидан турганлар «танаффус эълон қилиниши ҳазил экан-да», деган хаёлда қайта ўтирдилар. Биринчи қатордаги обком вакили эса шарт туриб, саҳна ортига олиб борувчи зина томон юрди.

Мухлислар ҳаяжони тингач, Элчин енгил таъзим қилиб, сўз бошлади:
— Мени унутмаганингиз учун қуллуқ, азизларим. Урушдан олдин Юсуфжон қизиққа «сиз рамкадан чиқиб кетяпсиз», деб танбеҳ беришган экан. Шундан сўнг уста кейинги томоша пайтида бўйинларига бир расмнинг рамкасини солиб чиқибдилар. «Менга шундай дейишган эди, энди рамкадан чиқмай гапираман», дебдилар. — Ўтирганлар кулиб, қарсак чалишгач, Элчин ўзини енгил сезди. — Мен бу томошага меҳмонман. Шу сабабли танаффус пайтида рамкадан чиқмай иккитагина ашула қилиб бераман. Бу ашулалар Ватандан узоқда, озодликни қўмсаб юрган пайтларда туғилган. Мен ҳақимда сиз турли гап-сўз эшитгансиз. Гапнинг тўғриси шуки, гуноҳим учун жазолашган. Ҳақли жазони ўтаб, ҳузурингизга қайтдим.

Элчин торнинг созини бир текшириб олгач, титроқ оҳанг янгради. Якка торда, ғижжаксиз, доирасиз қўшиқ айтиш расмдан чиққани учун аввалига мухлислар бир гарангсиб олишди. Электрга уланган Оврупо чолғу асбобларининг шовқинига кўника бошлаган қулоқларга торнинг инграши ғалати туюлди. Сўнг... Элчиннинг бўғиқ, дардли овози таралди...

Ўксир кўнгил қуши —
Тушди қафасга.
Сира етолмайдир
Эркин нафасга
Қаро кунлар тушди менинг бошимга...

Тўпланганлар қўшиқни нафас ютиб тинглашаётганда бирдан микрофон узиб қўйилди. Элчин бунинг сабабини дарҳол англади-да, овозини бироз кўтариб, қўшиқни давом эттираверди. Орқароқдаги мухлисларга овоз етиб бормай бетоқат бўлиб ҳуштак чала бошлашди. Элчин «тинчланинг», дегандай қўл кўтарди-да, пастга тушди. У кенг давра ўртасида тургандай ашуласини давом эттирди.

Эй! Сен мени ҳақир кўрган, тубан деган афанди!
Эй! Устимда бир умрга хўжа бўлмоқ истаган.
Эй! Бўйнимга кишан солиб, ҳалокатга судраган,
Кўзларингни заҳарлатиб ўйнатмагил, бас энди!

Қўшиқ шу ерга келганида саҳнага бир йигит чиқиб микрофонга яқинлашди-да:
— Элчин ака, бу ёққа чиқинг, чироқни уладик, — деди узрли оҳангда.

Элчин торни чалишни тўхтатмай, саҳнага қайтди.

Кишанларинг занг босгандир, сергак бўлким, узилур,

Томирида қўзғалишнинг ваҳший қони гупирди.

Эски фикр, анъаналар энди буткул узилди.

Ё битарман, ёки сенинг салтанатинг бузилур!

Элчинни аввал билганлар ҳам, билмаганлар ҳам қўшиқларни ҳайрат билан тинглар эдилар. Илгари ёр васлини куйлашдан бошқасини билмаган бу хушовоз ҳофиз уларга бутунлай ўзга кўринишда кўринмоқда эди. Бир жуфт қўшиқ икки-уч жуфт бўлди ҳамки, мухлислар уни қўйиб юборишмади. Қўшиқдан қўшиққа ўтгани сайин Элчиннинг ўзига нисбатан ишончи орта борди. Ҳосилбойвачча хорлаганидан бери кўнгли чўкиб юрган эди. Бу издиҳомда онадан қайта туғилгандай бўлди.

XXIV боб

1

Шариф Намозов шаҳар марказидаги уч қаватли қадимги бино ертўласида шундай сарой жойлашганини етти ухлаб тушида кўрмаган эди. «Асадбек идорасида кутиб ўтирибди», деган хабар келганида идора деганнинг шундай ҳашамдор бўлишини ўйламаганди. Шу пайтгача бунақа одамлар пинҳона иш юритишади, деган фикрда эди. Шундай сароймонанд жойда ўтиришибдими, демак, ўзларига ишонишади. Давлат ҳам айшингни суравер, деб уларга қўйиб берибдими, демак, ҳазиллашиб бўлмайди.

Кесакполвон Шариф Намозовни қандай кутиб олиш хусусида Бўтқага аниқ кўрсатма берган эди. Бўтқа хўжайиннинг топшириғини аъло даражада ўринлатди: Намозов остонада кўриниши билан пешвоз чиқиб, салом берди:
— Бек акам ҳозир бўшаб қоладилар, окахон, унгача бир пиёла чойимиз бор.

Шариф Намозов Бўтқанинг изидан юриб, шинам бир хонага кирди. Меҳмон ўрнашиб ўтириб олгач, кафтдек қутичани қўлига олиб, телевизор томон тўғрилаб тугмачани босган эди, экран ёришди.
— Сиз баҳузур ўтира туринг, — деди Бўтқа унга илтифот кўрсатиб.

Телевизорда хорижнинг тамошаси кўрсатилаётган эди. Намозов шундай беҳаё тамошалар мавжудлигини эшитганди-ю, аммо кўришга иштиёқи ҳам, вақти ҳам йўқ эди. Ҳозир қарамай деса ҳам, кўзи тамошага тортиб кетаверди. Шу зайлда хонага дўндиқ бир қиз кириб келганини сезмай қолди. Калта кўйлакли дўндиқ қўлидаги патнисни курсига қўйиб, нозли жилмайиб қўйди.
— Қаҳва олиб келдим, — деди-да телевизорга қараб олди. Сўнг девон ёнбошидаги курсида турган шишани олиб иккита биллур қадаҳга коняк қуйиб бирини Шарифга узатди-да, ўзи иккинчисини олиб, пастга гилам устига ўтирди.
— Олинг, — деди ишва билан.

Шариф туш кўряптими ё кино тамоша қиляптими, билмай гаранг бўлди. Унинг гангиб қолганини сезган дўндиқ тирсагини тиззасига қўйиб яна нозланди. Шарифнинг кўзи ярим очиқ кўкракнинг ариқчасига тушиб, юраги энтикиб кетди. Конякни ичиб юборганини ўзи ҳам билмай қолди. Дўндиқ қадаҳни бир хўплаб, курси устига қўйди-да, Шарифнинг тиззасини қучоқлади. Шарифнинг эҳтироси жиловини узиб, қўллари ўзига бўйсинмай қолди. Бу дунёда шундай маишат борлигига энди ишона бошлаганида эшик очилиб, Бўтқа кириб келди. Шариф уни кўриб чўчиб тушди. Бўтқа эса ҳеч нима кўрмагандай, хотиржам оҳангда:
— Бек акам кутяптилар, — деди.

2

Кесакполвон Шариф Намозовнинг шу ерда экани, Бўтқага топширган вазифаси ҳақида гапиргач, Асадбек уни жеркиб берди:
— Бу қилиғингни бошқа ерда қилмайсанми?
— Кимлигимизни билиб қўйсин. Ҳаёт қанақалигини би-ир кўрсин. «Ҳақиқат, ҳақиқат!» деб нима кўрибди. Ана энди бугундан бошлаб бор ҳақиқатга тупуради. Ўзимизнинг одамга айланади. Ҳақиқат деганнинг ярмига амал бериб, «Волга»га ўтқазиб қўй, ярмининг қўйнига биттадан жононни солиб қўйсанг, кимлигини биласан. Бугун уни маишатга олиб қоламан.
— Ҳаддингдан ошма. Чақир уни, — деди Асадбек.

Шариф бу хонага юраги дукури босилмаган ҳолда кириб келди. Асадбек ўрнидан турмай, ўтирган ерида унга қўл узатди. Асадбекнинг қараши жиддий, Кесакполвон эса айёрона жилмайиб боқиб турарди. Чувринди унга эътибор бермай, қандайдир қоғозлардаги ёзувларни диққат билан ўқирди.
— Ишлар қалай, ўртоқ директор? — деди Асадбек, киноя билан. — Планлар ошиғи билан адо этиляптими?
— Ҳа, бажармасак бўладими?
— Бу акангиз айтмаганмиди? — Асадбек шундай деб Кесакполвонга қаради.
— Айтгандилар.
— Хўш? Нима учун планни бажараман, деб зўр беряпсиз?
— Юқоридагилар қўйишмаяпти.
— Сиз учун юқори биз бўламиз. Биз айтдикми, тамом! Бажаришга мажбурсиз. Сизга ким буйруқ берди, министрми?
— Йўқ, Фарҳодов дегани...

Асадбек Кесакполвонга қаради:
— Ҳайдар, билармидинг?
— Йўқ, ҳозир...— Кесакполвон шундай деб телефон гўшагини олди-да, керакли рақамини терди.
— Фарҳодовми? Ҳа, мен, Ҳайдар акангман. Намозовинг нима деяпти? Планни бажарасан, деб сен зўрлаганмишсан-ку? Мажлисда айтдингми? Унга тегишли эмасми? Шуни секин ўзига айтиб қўйсанг ўласанми, ҳе сўтак. Ҳа, айтиш керак, қозоқнинг тўққиз пулидек тушунтириб, белига тугиб ҳам қўйиш керак. Дуойи саломни олдингми, энди ўчир овозингни...

Кесакполвон гўшакни жойига қўйиб, Шарифга қаради:
— Эшитдингизми? Директор деган бунақа лалаймайди.
— Бу ой етмишдан ошмасин, — деди Асадбек. — Кейинги ойларда ишчилар маош олмайди. Керакли одамларга пул-мул бериб туринг. Бошқалар бўшаб кетаверсин.
— Бунинг иложи йўқ, банкда заводнинг пули кўп.
— Кўп бўлса ҳам маош йўқ, — деди Кесакполвон таҳдид оҳангида. — Лалайманг, дедим-ку?
— Португалиядан жавоб йўқми ҳали ҳам? — деди Асадбек, биринчи масала ҳал, деган оҳангда.
— Жимжит бўлиб кетишди.
— Бориб келиш керак. Уларга ёқмаса бошқалар билан гаплашамиз.
— Бориш учун улар чақиришлари керак. Доллар керак.

Бу гапдан сўнг Чувринди қоғоздан бош кўтарди:
— Бу ёғини бизга қўйиб беринг.

Асадбек «гап тамом» дегандай ўрнидан турди. «Шу икки оғиз гапни телефонда айтиб қўйишса ҳам бўларди-ку», деб ўйлади Шариф, эшик сари юриб.
— Мени кутиб туринг, гап бор, — деди Кесакполвон.
— Жамшид қаерда? — деди Асадбек, Шариф чиқиб кетгач.
— Эрталабдан бери кўрганим йўқ. Маишат қилиб ётгандир, — деди Кесакполвон. — Янгисини топган экан, ўша билан овора.
— Маишат, деявериб ҳаммани буздинг. Энди бичиб қўйишим қолди.
— Эркаклар билан ишлагандан кейин чидайсан, ошна. Ёш йигитлар вақтида маишатини қилиб олсин. Вақтида ўзинг ҳам...
— Бўлди, айнима. Жамшидни топ. Бугун Масковга учсин.
— Нимага?
— Хонгирей билан учрашиб келсин. — Асадбек шундай деб Зелихон билан икки кун аввал бўлган учрашув мазмунини айтди.
— Жамшидни юборманг, — деди Чувринди. — Ўзингиз бориб келганингиз маъқул. Иш жиддийга ўхшайди.
— Жамшидни топ, бирга борамиз.

3

Қизига қараб туриб, Манзуранинг кўнгли ўксиди. Зайнаб турмушидан нолиб, ҳасрат қилмади. Бироқ кўзларини шодлик учқунлари тарк этгани онанинг зийрак назаридан четда қолмади. Зайнаб сингари келинчаклар бунақа дамларда яйраб-яшнаб юрадилар. Юзларига тушган доғ, бармоқларининг тўлишиб, узукларнинг сиғмай қолиши улар ҳуснига ҳусн қўшади. Зайнаб эса худди сўлиётган гулга ўхшайди. Онасига дилини ёрмайди. Манзура унинг дардли нигоҳига қараб туриб, ичида «қиз туғмайин мен ўлай», деб қўяди. Ётарида ҳам, турарида ҳам, дуо қилса Яратгандан қизига бахт тилайди.

Худога шукр қилиши керак, куёви беўхшов эмас. Ёши каттароқ бўлса ҳам хушрўйгина. Зайнаби қайнонанинг тергаб-тергашлари-ю, қайин эгачи, қайин сингилларнинг димоқ-фироқларидан ҳоли. Бир жувоннинг бахтли турмуши учун ҳамма нарса етарли. Лекин бахт фақат емоқ-ичмоқдан иборат эмаслигини у ҳам яхши билади. Асадбек билан турмуш қуриб оч, яланғоч қолмади. Эри ичиб келиб, уни дўппосламади, кўчага ҳайдаб чиқармади. Бирин-кетин болалар туғилишди. У эрининг «қимор ўйнамайман», деган сўзига ишона борди. Эри кеч қолса жойнамоз устида кутмайдиган бўлди. Уйда ҳамма нарса тўкин эди. Аммо унга нимадир етишмаётгандай бўлаверарди. Бахтсизлик фақатгина камбағални таъқиб этмайди. Бойлар бахтсизликни ўзлари сезмаган ҳолда чақириб оладилар. Камбағал бахтсизликдан кўпам куймайди, унга кўникиб қолган. Аммо бойларнинг бахтсизликка чидашлари қийин. Камбағал учун арзимас бир гап бўлиб кўринган ҳар бир нарса бойлар учун беқиёс бахтсизликдай туюлади...

«Қизимнинг эрига кўнгли йўқ, — деб ўйлади Манзура. — Фарзанд кўрса балки дили юмшар... Ҳозирги қизларда сабр деган нарса йўқ, тавба...»

Қизи ўқишга бормаётганини айтганида Манзура «ўзинг биласан», деб қўйган эди. Бугун келиб индамай ўтираверишини кўргач, «ўқишингга борганинг дуруст экан, қизим, дугоналарингни кўриб кўнглинг ёзилади», деди. Зайнаб бу гапни эшитмагандай жавоб қайтармади. Айвоннинг ўймакор устунига суяниб, ҳовлига ўйчан тикилиб тураверди.

Зайнаб шу ҳовлида Кумуш бўлиб яшаган эди, хаёлидаги Отабеги уни шу ҳовлида қучган, ёноғидан бўса олган эди... Энди назарида бу ҳовлидан нур қочган, ғунчалари тўлиб эрта-индин кўз очаман, деб турган атиргуллар ҳам хунук, мармар фаввора ҳам ўлик... Қуёш бор-у, файз йўқ, хонадон қоронғу. Хоналарда ҳаёт кезиб юрибди, аммо бахт йўқ...

Фақат болохона... Бахт ўша ерда беркинганми?.. Унинг кўнгил қўйгани ўша ерда. Орзулари дафн этилган бу хонадонга фақатгина уни кўргани келади. Кўриш насиб этса, кўнгли баттар эзилиб, уйига қайтади. Ҳомиладорлигини билганидан бери эри уни бошида кўтариб юргудай бўлади. Элчин уни суйиб-қучгани сайин у Жамшидни кўпроқ ўйлайди. Ёлғиз қолганида тўлишиб бораётган қорнига қараб, ҳали туғилмаган боладан нафратланади. Назарида уни бахтсиз қилган, умидларини чил-чил синдирган — шу бола. Хайриятки, нафрат қўзиган пайтда оналик меҳри ҳам уйғониб, уни ёмон хаёллардан қайтаради.

Манзура қизидан кўз узмай, хўрсинди.
— Ётиб қола қол, қизим, — деди ўксик овозда.

Зайнаб онасининг дили пора-пора бўлиб кетаётганини сезмади. Ҳовли узра бемақсад кезиб юрган нигоҳини йиғиб, унга қаради.
— Бугунча қола қол, — деб такрорлади Манзура.
— Йўқ, кетаман, — у шундай деб ҳовлига тушди. Чиқиб кетгунича болохонага икки-уч қараб қўйганини Манзура сезди.

Зайнаб уйига қайтди-ю, бепоён саҳрода ёлғиз ташлаб кетилган бечора ҳолига тушди.

Кунни эринчоқлик билан ўтказган қуёш энди уфқдаги булутлар четини қизартириб ботмоқда эди. Осмонни безаган бу манзара алдамчи, булут четлари қизил эса-да, бағри қора эди.

Ҳаёт остонада кутмайди. Қуёш ботиши билан бу бағри қора булутлар чақин чақиб, бостириб келади. Дов-дарахтни савалаб ўтиб кетгач, юлдузлар чарақлайди. Сўнг яна қуёш чиқади. Баргларда илиниб қолган томчилар жавҳар сингари ялтиллайди. Аммо Зайнабнинг хуфтон дили бундан ёришармикин? Айрилиқ дарди енгилиб, умид гули очилармикин?

Қуёш ботмай туриб, кўз ўнгида борлиқ хира тортди.

Ёлғиз... Нидо йўқ... Гўё қуёш барчани ўлимга маҳкум этиб, видолашиб кетаётгандай. Тор кўкрагига банди юраги беҳаловат тепади. Тепиб-тепиб кўкрак қафасини синдириб қочиб кетгиси келади. Бу вужудини тарк этмоқни истайди. Тарк этолса ўтли ҳасратларнинг фиғонлари мангуликнинг сукутига ғарқ бўла олармикин?

Бу хонадонга қадам босиб келганидан бери унинг ҳаёти пуч хаёллар зиндонига беркилди. Беркилди-ю, қулф-калити бировнинг қўлида қолди. Топишган тақдирларида тўлин ой ва осмон сингари бўлар эдилар. Энди осмон тўлин ойсиз тунд бўлиб олган. Дил қоронғи. Дил оғрийди. Кўз ёши худди ёмғир... Кўзларни ёш куйдиради...

Унинг дардига ким шерик бўлиши мумкин?

Зайнаб бу тун ёлғиз қолишини, ёлғизликнинг темир тирноқлари орасида азоб чекишини биларди. Элчин «бир-икки кун уйингизда туринг», деб кетди. Шу гапга биноан уйга борган эди. У ерга ҳам сиғмади. Ёлғизликдан қўрққани ҳолда ёлғизликни истади. Ҳозир эса қаёққадир боргиси келди. Ким биландир гаплашгиси келди. Таниш-билишлари кўп. Остона ҳатлаб кириб боргудай бўлса, қучоқ очиб кутиб олгучи яқинлари кўп. Аммо қай бири унинг дардини тушунади? Қай бири «қўй, ўша отарчи эрни, суйганинг билан бўл», дейди. Ҳеч ким айтмайди. Аксинча, «Сабр қил, шайтон йўлига кирма», дейишади. Насиҳат қилишади. «Кимга ҳасратингни айтсанг, дардингни олиш ўрнига, бирданига донишмандга айланадию бисотидаги насиҳатларини сочиб ташлайди, — деб ўйлади Зайнаб. — Насиҳатгўй ақли бутунлар мунча кўп бўлмаса, бу дунёда. Дардкаш мунча кам...»

Зайнаб ўзини ўзи чалғитиш учун ошхонага кирди. Бир ўзи учун овқат қилғиси келмай, ҳовлига чиқди. Дарвозага қаради. Эшик қия очиқ. Кимдир кириб келгандай... Ким келди?

Уйга кирди. Телевизорни ёқди. Юмшоқ ўриндиққа ўтирди. Умид билан аввал дарвозага, кейин телефонга қаради. Нима учун уйига қайтганининг сабабини у ҳатто ўзидан ҳам яширмоқчи бўлади.

Ёлғизлигида бир мартагина кўча эшиги очилиб, У кириб келди. Шундан бери неча марта кўз тикади. Кутгани келмайди. Бу кеч келармикин? Унинг илинжи шу.
— «Ўзича келмайди, бир баҳона билан чақир».
— «Шарманда... Шарманда...»
— «Ёшлик ва гул... Икковининг умри қисқа бўлади. Буни билганлар юришибди ялло қилиб. Сен-чи?»
— «Шарманда... Шарманда...»
— «Менинг эрим борми? Ким у? Номусимни булғаган одамми? Агар энди мен унга хиёнат қилсам, унинг номуси булғанадими? Фалончининг хотини...»
— «Вой, шарманда... вой, шарманда-э...»
— «Мен унинг номусини ўз кўз ўнгида булғайман, деб қасам ичганман. Худо уни шол қилиб қўйсин. Ана ўшанда кўчадаги дайди итни бўлса ҳам бошлаб келаман, кўз олдида...»

Зайнаб шу қасамини эсласа ростдан ҳам умиди ушалгандай этлари жимирлашиб кетади. «Шу иш қўлимдан келармикин?» деб иккиланади.

Аёл қасам ичмасин. Қасд қилдими, шайтон тўрига ўраладию оқибатда унга Худо ҳам бас келолмас.
— «Чақир уни...»
— «Нима деб чақираман?»
— «Баҳона топ».
— «Уяламан».
— «Бирпас гаплашиб ўтириш мумкин-ку? Масалан... Ака-сингил сингари. Уни чақир, сен ёлғизсан. Сени қўриқлаши лозиммасми?»

Шу тарздаги узоқ олишувдан сўнг унинг қўли телефон сари узатилди.

4

Жамшид кўнглига ёққан жувон билан бир кеча-кундуз қолиб кетди. У жаннат ҳурлари билан яшаётганидай лаззат қилиб, Бек акасининг йўқлаб қолиши мумкинлигини ҳам унутди.

Асадбек йўқлатган пайтда у ўйнашини тарк этиб, йўлда келаётган эди. Болохонага чиқиши билан йигитлар хўжайин йўқлаганини айтишди. Шу пайтда телефон жиринглади. Жамшид «Бек акамдир», деб гўшакни кўтарди. Қўнғироқ қилган одам дарров гапира қолмади. Жамшид учинчи-тўртинчи марта «алло!» дегач, Зайнабнинг ҳазин овози эшитилди:
— Зайнабман... Ҳовлида биров юрибди. Қўрқяпман...

Жамшиднинг шошилиб ўрнидан туриши учун шу хабар кифоя эди. Кейин айтилган гапларнинг мағзини у йўлда кетатуриб чақмоқчи бўлди. «Кўча эшиги очиқ турибди... Мошинангизни катта кўчага қўйиб келинг...» Бу гапларга тушуниш унчалик қийин бўлмаса-да, Жамшид ҳақ жавобни олишни истамади.

У Зайнабнинг қарашларидаги сирни билмас эди, десак, сизни алдаган бўламиз. Аёл зотининг қарашларини тушунмайдиган эркак борми ўзи бу дунёда. Жамшид қамоқдан чиққанидан бери аёл зотининг турли тоифасини кўрди. Уларни кўзларига қараб, чиндан суйиб эркалаяптими ё эрсираб қолганми, ё дарди пулми, дарров билиб олади. Зайнабнинг қарашлари эса... бошқача эди. Зайнабнинг муҳаббатини тили тиш ҳатлаб ошкор эта олмасди, бироқ кўзлари «севаман!» деб дод соларди. Жамшид бу додни кўзи билан кўриб, юраги билан эшитарди. Аммо бу фарёд унинг қалбини ларзага солмасди. Чунки унинг юрагидаги муҳаббат туйғусини ўсмирлик чоғидаги аёлнинг ўша найранги бўғиб ўлдирган эди.

У Бек акасига содиқ эди. Бек акаси учун, хусусан, шу қиз учун жони лозим бўлса, берарди. Аммо қизнинг бу сирли қарашига банди бўла олмасди.

Шаҳар кўчаларидан машинани учириб ҳайдаб «балки бормаганим маъқулдир. Ҳали ҳам қайтиб, Равшанни юборайми» деб ҳам ўйлади. «Эри қаёқда экан? Балки боргунимча келиб қолар...» деган фикрда изига қайтмади. Элчиннинг Фарғонага кетганини билганида балки қайтар, шу билан ташвишлардан қутулиб қолармиди...

5

Асадбек, Шариф Намозов чиқиб кетгач, уйига қайтмоқчи эди. Чувринди эски маҳалладаги «амри маъруф»га таклиф этилганларини эслатгач, ноилож кўнди. Жалил бошлаб келган чоллар «маҳаллани буздиришга йўл қўймаётган эмишсан», деб кетишганидан бери эски маҳалласига ўтмаган эди. «Бормасам аразлабди, дейишмасин», деган фикрда йўлга чиқди.

Болалиги ўтган уйдан икки эшик нарида одамлар тўпланиб туришган эди. Машинани берироқда тўхтатиб, тушишлари билан тўпдан бир киши ажралиб, улар томон юрди. Асадбек Жалилни таниди.
— Қараб тур, ҳозир сасишни бошлайди, — деди Чувриндига.
— Хўп деяверасиз-да, — деди Чувринди кулимсираб.
— Бу маҳаллада ҳам одамлар туришини билармидинг? — деди Жалил салом-алик қилмай. — Куттириш ҳам эви билан-да. Беш яримга кел, дегандан кейин кел-да. Омонмисан ўзинг ишқилиб?
— Ака, хизматчилик-да, иш чиқиб қолди, — деди Чувринди, Асадбек ўрнига жавоб бериб.
— Яхши ҳамки «иш-ш-ш» дейди. «Хиҳ!» деса думингни тутқазмас экансан-да, а? — деди Жалил, гапни ҳазилга буриб. — Юрақол, Собитхон маъруза қиляпти. Қўқонга кетиши керак экан, зўрлаб олиб қолдик.
— Қўқонда нима қилар экан? — деди Асадбек.
— Ота-онаси ҳозир ўша ерда тураркан. Отпускага чиқибди. Бир ой уйида турар экан.
— Имомлар ҳам отпуска қилар эканми? — деб кулди Асадбек.

Асадбек ҳовлига ўрнатилган товуш кучайтиргичдан келаётган майин овоз эгасини Жалил айтмаёқ таниган эди. Асадбекни воиз ўтирган уйга эмас, «нозик одамлар» учун ажратилган хонага бошлашди. Жалил билан Чувринди унга ҳамроҳ бўлишди.
— Зўр гапиради-да, — деди Жалил, чой қайтариб.

Собитхоннинг маърузасини Асадбек икки-уч эшитган, таклифини рад этгани учун уни ёмон кўриб қолган бўлса-да, нутқ сўзлашига тан берган эди. Шу сабабли ҳозир Жалилга эътибор бермай, қорининг сўзларига қулоқ тутди:
— Шундай қилиб, ҳазрат Али, Розияллоҳу анҳу, қилич ҳам тақмай, совут ҳам киймай, оддий кийимда Зубайр томон юрдилар. Бориб қарасаларки, Талха ҳазратлари ҳам мукаммал қуролланган ҳолларида тайёр турибдилар экан. Ҳар иккиларининг яқинларига бориб, уларга қараб: «Умримга қасамки, сизлар одамларни, отларни жангга тайёр ҳолга келтириб қўйибсизлар. Бироқ, қиёмат куни Оллоҳ табарока ва таоло ҳузурига борганингизда унга айтадиган узрларингизни ҳам тайёрлаб қўйдингизми? — дедилар. Сўнг уларни шайтон йўлидан қайтармакни истаб яна шу гапларни айтдилар: — Оллоҳдан қўрқинглар, бундай бемаъни урушга бел боғлашдан тийилинглар. Ўзи аввалда маҳкам этган арқонни ўзи чувалаб ташлайдиган кимса каби бўлманглар. Буюк ислом жамоатини барпо этишда бениҳоя хизмат этган эдингиз. Эндиликда уни парчалаб ташловчи кишилардан бўлиб қолмангиз. Сизларнинг бу ишингиз Ислом жамиятини қиёматга қадар бирлаша олмаслик фитнасига гирифтор этмасун, ўзимиздаги ички адоватга барҳам бермасак, ташқи душманлар бизни тезда мағлуб этажак. Биз мана шундай мағлубият аламига учрамаслигимиз даркор. Биз ички тортишувларни ҳал этмай, ўзаро биродаркушлик оловини ёқиб юборсак, келажак авлодларимиз учун ғоятда улуғ хиёнат қилган бўламиз. Куч фақат бирликдадир. Қайси миллат бирлигини йўқотса, ўша миллат келажаги учун қайғурмаган, ўзига ҳалокатни лозим этиб олган бўлади. Орадаги ихтилофни Оллоҳнинг улуғ китобига ҳамда Оллоҳнинг муборак пайғамбарининг кўрсатган йўлларига амал қилган ҳолда бартараф этмоғимиз даркор...»

Собитхон мулойим овози билан барчанинг хаёлини ўғирлаган эди. Хизматчилар шарпасиз юришга уринадилар. Зарур гапи борлар бир-бирлари билан пичирлашиб муомала қиладилар. Асадбек Собитхоннинг шу фазилати учун ўзи қурдираётган масжидга имом бўлишини истаган эди. Бу «манман қори» эса рад этди. Асадбек фақатгина имомнинг ширали овозига маҳлиё бўлмай, айтаётган гапларининг мазмунидан маст ҳам эди. Худди биров келишидан аввал имомга «Асадбекнинг юрагида шундай яширин дард бор», дегану Собитхон атайин шу мавзуда маъруза бошлаган. Суҳбат ниҳоясига етгандан сўнг ҳам издиҳом аҳли воизнинг сўзлари таъсирида бир оз жим ўлтирди. Асадбек совуб қолган чойига қараб ўйга ботди. «Бирлигини йўқотган миллат келажаги учун қайғурмаган бўлади... Биз-ку, бирлаша олмаймиз. Сиёсатчиларга нима бало бўлган? Биз пул талашамиз. Дардимиз ҳам, имонимиз ҳам пул. Уларнинг имони — амал. Ҳайдарнинг гапи тўғри. Ҳақиқат, миллат, деб валдираётган хунасаларга биттадан «Волга» берилса овози ўчади. Биттаси ўзимизнинг депутатми...»
— Чойингни янгилаб берай, — деди Жалил, Асадбекнинг хаёлини тўзитиб. — Вақтлироқ келганингда зўр гапларни эшитардинг. Энди ҳамманинг Худо дейдиган вақти келибди, ошнам.
— Вақт ўтди, десанг-чи... Биз-ку, Худо дермиз-а, лекин... Худо энди бизни бандам дермикин?
— Дейди, нимага демас экан? Беш вақт намоз ўқиганнинг ҳамма гуноҳидан кечаркан.
— Беш вақт намоз етарли бўлса зўр-ку? — Асадбек шундай деб ҳазин жилмайди. — Собитхоннинг гапига қараганда менга ўхшаганлар кунига эллик маҳал намоз ўқиса ҳам гуноҳини ювишга кифоя қилмаскан.
— Қанақа гуноҳинг борлигини биласанми? — Жалил «шу гапларнигни дилдан чиқариб айтяпсанми?» дегандай унга тикилди.

Кетма-кет овқат киритилавериб суҳбатнинг белига тепди. Ҳозиргина мазмунли маърузага маҳлиё бўлиб ўтирганлар бир неча нафас ичида қорин бандаларига айландилар...

Асадбек уйига хуфтонга яқин кириб келди.
— Эрталабки самолётда кетамиз, — деди у ҳовлига кириб келгач. — Чиқиб сўра-чи, Жамшидни топишибдими?

Чувринди болохонага чиқиб, дам ўтмай қайтиб тушди.
— Келган экан, Зайнаб чақирибди.
— Нимага чақирибди?
— Сабабини билишмайди.
— Кетмай тур, — Асадбек шундай деб уй томон тез-тез юрди. Рўпарасидан чиққан Манзуранинг саломига алик олмай, саволга тутди. — Қизинг қани?
— Уйида, — деди Манзура, хавотирланиб. — Нимага сўраяпсиз? Ҳали келиб кетувди.
— Куёвинг йўқлигини билармидинг?
— Йўқ... айтмади-ку?
— Ҳе, ношуд. — Асадбек шундай дейишга дедию кетидан ўзича «мен айтмаган бўлсам, қаердан билсин», деб уни оқлаб ҳам қўйди.

Жамшид Зайнабникига кетди, деганда дастлаб кўнглига хавотир оралаган эди. Ҳозир куёви йўқлигини эслаганида бирданига шубҳа уйғонди. Хотинига бошқа гап айтмай, уйига кириб, телефон гўшагини кўтарди-да, рақам терди. Нариги томондан анчагача жавоб бўлмади. Гўшакда эшитилаётган узун ду-дудлаш уни дам хавотир, дам шубҳа чоҳи сари тортарди. Ниҳоят, жавоб бўлди. Қизи йиғламсираб, озгина зарда билан «Ҳа» деди. Асадбек гапирмай тураверди.
— Ҳа, гапиринг! — деди Зайнаб зарда билан. Кейин гўшак қўйилди.

Асадбек яна рақам терди. Яна шу ҳол такрорланди. У қизига нима дейишни, шу топда нима қилишни билмасди. Мияси қизиб уни фикрлаш қувватидан маҳрум этган эди. У қайта-қайта рақам тераверди. Бешинчи ё олтинчи мартасида гўшакни Жамшид олди! Шундан кейингина Асадбек хаёлини жамлади. Шошилиб ҳовлига чиқди-да, сигарет чекиб турган Чувриндига қисқагина буйруқ берди:
— Кетдик!

Чувринди қаёққа, деб сўрамади.

Жамшиднинг машинасини Элчиннинг уйи олдида эмас, тор кўча бурилишида кўрган Асадбек ажабланиб «Тўхта», деди. Пастга тушиб машина атрофида бир айланиб чиқди-да, Чувриндига «Сен шу ерда тур», деб, ўзи куёвининг уйи томон юрди.

Кўча эшик қия очиқ эди. Асадбек худди ўғридек ичкарига бош суқиб чироқ нури тушиб турган деразага қаради-да, ўзидан ўзи уялди. Ёшлик кезлари Кесакполвон билан бирга ўғриликка боргудек бўлса ҳам бунақа ишларни Асадбек сира уддалай олмас эди. Ҳозир уни ташқаридан кузатган киши ўғрилик оламида атак-чечак қилаётган бола бўлса керак, деб ўйлаши мумкин эди.

Кўнглида дастлаб уйғонган хавотир энди йўқолган, аксинча шубҳа кучга кириб шармандалик сиртмоғи билан бўйнини бўға бошлаган эди. Қизи йўқолганида, сўнг топилганида, сўнг ҳомиладорлиги ошкор бўлганида шармандалик олови уни куйдирмаган эди. У дамда кўпроқ ўзини айблаган эди. Қизининг юзини шувит қилмаслик учун шу отарчини куёв қилиб эди. Шу масалада янглишдими? Қизи шунчалик... Бу фикрнинг ўзиёқ юрагини музлатиб қўйгандай бўлди.

Шубҳага банди бўлган ҳолда изига қайтишни истамади. У ўзини мажбурлаб, ҳовлига кирди. «Ёмон нияти бўлса эшикни очиқ қолдирармиди?» деган фикр кўнглига сал ёруғлик олиб кирмоқчи бўлганида «есидан чиққандир...» деган гумон яна қора чодирга ўради. Асадбек аста юриб келиб деразага яқинлашди. Бўй чўзиб ичкарига қарашга юраги дов бермади. Ичкаридан дам Зайнабнинг, дам Жамшиднинг овози келиб турар, қўшқават дераза ойнаклари ичкаридаги гапларни ўғри мушукдай пойлаб турган одам қулоғига етишига йўл бермас эди. Дераза қия очиқ бўлганида балки олам гулистон эди. Асадбек бўй чўзиб мўраламас, ўзича бир хулосага келиб, машъум ҳукмни чиқармас эди.

У деразадан мўралаган онда Жамшид ўрнидан турди. Зайнаб эса унинг бўйнига осилди... Асадбек бу манзарага қараб тура олмади. У аввалига бостириб кирмоқчи ҳам бўлди. Аммо ўз қизининг шармандалигини фош этиш унинг учун оғир эди. У шармандалик юкини елкасига ортиб, ҳовлига қандай шарпасиз кирган бўлса, шундай чиқди. Эшик оғзидан дарров узоқлаша олмади. Беш-ўн қадамни юрак тўлғоғида босди. Сўнг бир қарорга келиб, тез-тез юриб кетди.

Чувринди тор кўчадан кўз узмай турган эди. Асадбекнинг аста ичкари киргани, бир неча дақиқадан сўнг чиқиб, оғир қадамлар билан юрганини ҳам кўрди. Бек акаси қадамини тезлатгач, машина моторини ўт олдириб, юришга тайёр бўлиб турди. Асадбек машинага ўтириши билан «уйга» деб буйруқ берди. Чувринди нохуш воқеа юз берганини сезди-ю, бироқ «нима гап экан?» деб сўрамади.

Асадбек ҳовлига кира солиб, Манзурани чақирди:
— Қизингга телефон қил, тайёр турсин, бориб олиб кел, — деди.
— Сиз... бормадингизми? — деди Манзура ўсмоқчилаб.
— Мен нима қиламан у ерда? Бошқа ташвишим йўқми?! — деди Асадбек, ўдағайлаб, Манзура шошиб чиқмоқчи бўлганида тўхтатди: — Телефон қил, дедим.

Манзура «шартми» дегандай қараб қўйди-ю, аммо буйруққа итоат этди. Бошқа пайт бўлганида шарт эмасди. Асадбек Жамшиднинг тезроқ чиқиб кетишини истаб шундай деб буюрди. Ҳолбуки Жамшид у билан изма-из уйдан чиққан, Асадбек машинага етай деганида орқасидан кўрган, «Бек акамми ё бошқа одамми?» деб тусмол қилган эди.

Манзура билан Чувринди кетгач, Асадбек болохонага чиқди.
— Ҳайдар акангни топ. Нариги дунёда бўлса ҳам ҳозир етиб келсин.

Ярим соатдан сўнг ҳовлида Манзура овози эшитилди. Сўнг Чувринди болохонага чиқди. Бир соат деганда Кесакполвон пайдо бўлди. Асадбек икки аъёнини бошлаб пастга тушди. Майдалаб ёмғир ёға бошлаган эди. Осмонга қараб, юзини ёмғирга тутди.
— Ҳайдар, Шилимшиқ ўлдирилган жой эсингдами? — деди осмонга қараган ҳолда.
— Эсимда, — деди Кесакполвон.
— Қандай ўлдирилгани-чи?
— Эсимда.
— Шу ишни такрорлаш керак, қўлингдан келадими?
— Кимни?
— Эрталабгача бажарасан. Кимлигини айтганимда «нима учун?» деган савол бермаларинг. Кавказликларинг тайёрми?
— Ҳа.
— Иккала ўлимни бўйнига олсин.
— Кимни?
— Жамшидни...

Кесакполвон ҳайратланиб Чувриндига қаради. Чувринди ҳукмга нима сабаб бўлганини тахминан биларди. Шу боис Кесакполвоннинг савол назарига жавоб бермай юзини бурди. «Балки аблаҳлик қилгандир. Лекин дунёда ундан бешбаттар аблаҳлар яшаб юрганида у ҳам тирик қолса бўларди», деб ўйлади. Аммо фикрини тилига чиқариб ошкор этмади.

Йигитлар ичида садоқати билан ажралиб турувчи Жамшиднинг ўлимга маҳкум этилишини Кесакполвон ҳазм қила олмади. Бунақа пайтда қарорнинг муҳокама этилиши ман қилинган бўлса-да, сўради:
— Нимага?
— Ишинг бўлмасин, айтдим-ку...
— Бек, эрталабгача ўйла.
— Эрталабгача буйруқни бажар.

6

Жамшид тор кўча бошида кетаётган одамни Асадбекка ўхшатиб, юраги бир ҳаприқди. Ҳаяжонини босиш мақсадида чўнтагидан сигарет чиқариб чекди. Шу пайт ҳовли томондан қадам товушлари эшитилди. «Эргашиб чиқяптими?» деб ўйлаб орқасига ўгирилди. Эшик зичлаб ёпилиб, калит буралди. «Бу ёғи қизиқ бўлди-ку?» Жамшид шу фикрда дарвозадан аста узоқлашди. Тор кўча бошига етганида орқасига ўгирил-ди — кўча кимсасиз эди. Машинасига ўтириб дарҳол юргизмади, ўйга толди.

У учун Зайнабнинг руҳий ҳолати бегона эди.

Зайнаб қўнғироқ қилиб чақиришга чақирди-ю, уятдан ёниб кетди. Дарров ҳовлига чиқиб кўча эшикни қулфлади. Бир неча нафасдан сўнг уят алангаси пасайиб, яна шайтон йўриғига кириб эшикни қия очиб қўйди.

Жамшид одати бўйича индамай кириб келди.
— Тинчликми? — деди уйга кириб.
— Тинчлик... биров юрганга ўхшади, қўрқдим.
— Ҳофиз акам қаердалар? Тўйга кетдиларми?
— Ҳофиз акангиз...— Зайнаб «акангиз» деган сўзга пичинг билан урғу берганини ўзи ҳам сезмай қолди,— Фарғонадаги тўйга кетганлар.
— Кеннайимни олиб келайми ё ўзингни олиб кетайми?

«Қани эди олиб кетсангиз... узоқларга... фақат иккаламиз яшайдиган жойга... Атрофимизда ҳеч ким бўлмаса...»
— Бирпас ўтиринг, чой ичинг.
— Майли, бир пиёла ичай.

Жамшид ўзини мажбурлаб ўтирди. У Зайнабнинг асл мақсадини билмас эди. Аниқроқ айтилса, гумонининг ҳақиқатга айланиб қолишини истамади. Бир пиёла чойга иккинчиси, учинчиси... уланди. Жамшид камгап, кўзлари ҳам хотиржам боқарди. Бу чиройли кўзларда ишрат учқунлари ёнмас эди. Эркак томон ташаббус кўрсатмагандан сўнг аёл кишига қийин экан. Зайнаб — қизлик орзулари топталган маъсума — иффатини ўзи топтамоққа ожизлик қилмоқда эди. «Олов темирни эритгани каби ошиқ юрак тафти тош қалбларни эритгай», дейишарди. Наҳот Жамшиднинг қалби тошдан ҳам қаттиқроқ бўлса?..

«Илон чақса менга унинг заҳри кор қилмайди, аммо жонимнинг чиқиши учун бир қиё боқишинг кифоя»... Қайси бир кинода йигит куйиб шундай ашула айтган эди. Ажаб, йигитлар қизларнинг биргина қиё боқиши учун ўлиб-тириладилар. Бу тошюрак эса... Ё бу «Ёр азоби мен учун фароғат», дейдиган тоифаданми? Зайнаб уни суҳбатга қандай тортишни билмай, хаёлига келган майда-чуйда гапларни қайтармасдан айтаверди.

Жамшид жувоннинг ҳаракатини кузатиб, гапларини эшитиб, онда-сонда бир жавоб айтиб ўтираверди. Яхши ҳамки бу ерга келишидан олдин бир кеча-кундуз айш қилди. Йўқса, шайтонга ҳай беролмай қолсами... «Ўзингни бос... Синаётган бўлса-чи?.. Балки акасидай кўрар мени... Аёл киши чақирса мақсади фақат... Шу бўладими?»
— Нима учун мени шу одамга беришди, биласизми? — Зайнаб шундай деб қаттиқ тикилди. Шу пайтгача кўзларнинг тўқнашувидан чўчиётган эди. Бу сафар ҳеч тап тортмай тикилди.

Жамшид дарров жавоб бермади. Сўнг гапни ҳазилга бурмоқчи бўлди:
— Бек акам «нимага?» деган саволни ёмон кўрадилар. Акамга «хўп бўлади» деган кўпроқ ёқади.

Бу ҳазилдан Зайнабнинг зардаси қайнади:
— Сиз... қулмисиз?

Мазкур саволдан Жамшиднинг ҳам зардаси қайнади. Аммо ўзини мажбур қилиб кулди:
— Қул эмасман. Ишимиз шунақа. Ҳамма «нимага?» деб сўрайверса, ақл ўргатаверса иш юришмайди.
— Адамдан сўрамаган бўлсангиз, ўзингизча ўйламадингизми?
— Бу гапларни қўзғама. Бек акам янглишмайдилар.
— Ҳа... янглишмайдилар... Мени ким ўғирлаган, биласизми?

Жамшид «Ҳа», деса яна саволлар ўқига дучор бўлишини билиб, индамади.
— Билмасмидингиз?
— Қўйсанг-чи шу гапларни.
— Билмасмидингиз?.. Сиз.. писмиқсиз!.. Сиз менинг одам эканимни биласизми? — Зайнаб шундай деб туриб йиғлаб юборди.

Айни пайтда телефон жиринглади. Зайнаб телефон томонга бир қараб, қўлини силтаб қўйди-да, гапини давом эттирди:
— Менинг ўрнимда ҳайвон бўлганида хўрланишига чидолмай, ҳеч бўлмаса ўкирарди. Эгасининг раҳми келарди, эгаси хўрлатиб қўймас эди.

Телефон жиринглашини қўймагач, гўшакни зарда билан кўтариб «Ҳа!» деди. У томондан жавоб бўлмади. Бу ҳол бир неча марта такрорлангач, Жамшид «Тўхта, биров майнавозчилик қиляпти шекилли», деб гўшакни кўтарди. Унинг бу хонадонга келиши ҳукм сари қўйилган биринчи қадам бўлса, бу иккинчиси бўлди. Учинчиси, энг асосийси эди...

Зайнаб ҳасратларидан бир чимдимни айтиб енгил тортгач, жим бўлди. Унинг ўксиб, хўрсиниб йиғлаши Жамшидга онасини эслатди. Ҳакам ҳукмни ўқиб, Жамшид қўлига кишан солинганида онаси додлаб юборган эди. Темир панжарали машинага олиб чиқишаётганда милиса йигитлар кўнгилчанлик қилиб қоидани бузишса ҳам икки-уч дақиқага уларни холи қолдиришганди. Ўшанда онаси хўрсиниб-хўрсиниб йиғлаган эди...
— Зайнаб... мен ҳаммасини биламан, — деди Жамшид бошини эгиб.
— Мен аёл бўлсам ҳам ундан ўч оламан.
— Сен синглимсан... Сен учун мен ўч оламан... Қасам ичаман... Агар сени ҳимоя қиладиган эркак зоти қирилиб битса ўзинг ўч оласан...

Ана шу гапдан кейин Зайнаб ўрнидан туриб келиб, Жамшидни бўйнидан қучиб, ўпиб қўйди... Учинчи ҳал қилувчи қадам шу эди...

Хотима

Ёхуд иккинчи китобнинг дебочаси

Зоҳид

1989 йил 29 май

Ўша жой, ўша дарахт, ўша манзара. Фақат мурда бошқа. Машина бошқа.
— Бизнинг гўллигимизни таъкидламоқчи бўлишганми? — деди маёр Солиев.

Зоҳид қотиллик ҳақидаги хабарни эшитиб йўлга чиққанида айнан шу ер, айнан шу дарахт деб ўйламаган эди. Манзарани кўриб, ҳайратда турганида маёр шу саволни берди. Зоҳид унга жавоб бермай мурдага тикилди.
— Айнан ўшандай эмас, — деди ўйчан. — Ҳозирча иккита фарқ бор. Биринчиси мошина ёнмаган. Бунинг ўрнига мурдани ёқишган.
— Бунинг ҳам бойлигига тегишмабди, — деди машина ичини титаётган Ҳамдам Толипов. — Анча-мунча пул. Безаклар бор экан. Йигитлар ҳисоблашяпти.
— Ўзаро урушнинг бошланганими бу? — деб сўради Зоҳид маёрдан.

Солиев елка қисиб қўйди.
— Ҳали вақт бор эди. Қайдам?
— Бизнинг ишимизни осонлаштиришми ё чалкаштиришми мақсадлари?

Бу саволга маёр Солиев жавоб бера олмас эди...

Элчин

1989 йил 1 июн

Жамшидни Чувриндининг уйидан чиқаришди.

Зайнаб унинг ўлими ҳақидаги хабарни эшитди-ю, эси оғиб қолаёзди. У отасининг пойлаб келганини, фожиа унинг амри билан юз берганини тасаввур ҳам қила олмас эди. Зайнаб туни билан мижжа қоқмади. Туни билан Жамшид унга ҳамсуҳбат бўлди. Жамшид илгаригидек жингалаксоч эмас, сочларини олдириб бошига дўппи кийиб олган, янада хушрўйлашган Отабек эди. Улар қилвир сочлари майин титраётган мажнунтол панасида, тўлқинчалари ой нури билан ўйнашаётган ҳовуз бўйида бир-бирларига роз айтдилар...

Қизини пойлаб Манзура ҳам бу тун ухламади. Зайнаб ҳовли ўртасида ҳаракатсиз туриб қолганида Манзура зийрак эди. Қизига тикила-тикила кўзи толиқди. Шошқалоқ хўрозлар қичқира бошлаганида ғафлат босибди. Неча дақиқа кўзи илинди, билмайди. Чўчиб кўзини очса — Зайнаб йўқ. Манзура ўтирган ерида «Зайнаб!» деб чақирди. Жавоб бўлмади. У «Вой, шўрим!» деганича ҳовлига оёқяланг ҳолда югуриб чиқди. Ошхонага олиб борувчи усти берк йўлакда осилиб турган одам қорасини кўриб дод солди. Яхши ҳамки Яратган унинг ҳушини олмади — югуриб бориб қизининг оёқларини қучоқлаганича юқорига кўтарди. Бу орада болохонадаги сергак йигитлар тушиб, арқонни ечишди.

Орадан бир неча соат ўтгач, ҳовлига Элчин кириб келди. Уйида Зайнабни кўрмагач, «онасиникидадир», деб шу ерга келган эди. Субҳи содиқдаги даҳшат тўридан қутилмаган Манзура уни дардли нигоҳ билан қарши олди.
— Зайнаб шу ердами? — деган саволига «Ҳа», деди-ю, ичкарига таклиф қилайинми ё йўқми, деб иккиланди. Охири бир қарорга келиб: — Ётибди,тоби йўқроқ, — деди.

Зайнаб каравотда сочлари паришон ҳолда, кўзларини бир нуқтага қадаб ётар эди. Манзура қизига қараб туриб хўрлиги келди. Пастки лабини тишлаб, йиғлаб юбормаслик учун ташқарига чиқди.
— Нима бўлди? Тузукмисиз? — деди Элчин.

Зайнаб унга бир қараб олгач, кўзини шифтдаги яна ўша нуқтага қадади:
— Мен... ўзимни ўлдирмоқчи эдим...— деди Зайнаб хаста овозда.

Элчин нима дейишини билмай гангиб қолди.
— Мен... яшашни истамайман... Жамшид акамнинг ёнларига боришни хоҳлайман...
— Жамшид? Қайси Жамшид?
— Жамшид акамни ўлдиришди. Мен Жамшид акамни яхши кўрардим. Худодан яширмаганни сиздан яширмайман... Худо жонимни олмади. Болангиз туғилганидан кейин... мени ўлдиринг!.. Мен... Сизга хиёнат қилдим...
— Йўқ! — деди Элчин титраб.
— Эркак бўлсангиз, мени ўлдирасиз...
— Йўқ! — Элчин бу сафар қаттиқ бақирди. Зайнаб шифтга қадаган нигоҳини узиб унга қаради.
— Ўлдирасиз...— деди пичирлаб.

Манзура кириб, Элчиннинг енгидан аста тортди.
— Сизни чақиришяпти.
— Зайнаб, бу гапни миянгиздан чиқариб ташланг, ишонмайман! — деди Элчин, орқасига тисарилиб.

Катта хона ўртасида Асадбек билан Кесакполвон тик турган ҳолда гаплашишарди. Элчин кириб келгач, Асадбек дарғазаб кўзларини унга қадаб, тик босиб келди.
— Жамшидда нима қасдингиз бор эди?! — деди у титроқ овозда.
— Жамшидда? — Элчин довдиради. — Нима бўлди ўзи, ҳозир эшитдим...

Гапини тугатишга улгурмасдан Асадбек уни гирибонидан олди.
— Жим юргин деганмидим? Қасосингни олган эдинг-ку?
— Бек ака, аввал гапимни эшитинг. Ҳозир Фарғонадан келяпман, ахир.
— Ҳайдар, Шилимшиқ қандай ўлдирилганини кўрганмидинг? — деди Асадбек уни қўйиб юбормай. — Айт бунга, кўрганмидинг?
— Кўргандим.
— Жамшидни-чи?
— Кўрдим. Ўша дарахтга осиб, ҳалигиси кесиб ташланибди.

Асадбек Элчиннинг гирибонидан қўлини олди-ю, ўша заҳоти жағига мушт туширди. Элчин гандираклаб кетди. Ўзини ўнглашга улгурмай Кесакполвоннинг тепкисини еди. Асадбек ғазаб отига миниб томоша кўрсатмаётган эди. У Жамшиднинг ўлимида Элчинни чиндан ҳам айбли деб санади. Назарида Элчин дайдиб кетмай уйида ўтирганида, хотинига яхши қараганида бу кўргиликлар йўқ эди...

Асадбек

1989 йил 6 июн

Аср намозига азон айтилган дамда Асадбекка депутат қўнғироқ қилди:
— Ака, аҳвол чатоқ, мен билан Фарғонага бориб кела олмайсизми? — деди ҳовлиқиб.
— Нима гап ўзи? — деди Асадбек.
— Йўлда тушунтириб бераман. Аеропортга келаверинг.

Асадбек самолётга чиқмай туриб, Фарғонада нималар бўлаётганини эшитгач, Зелихоннинг гапларини эслади.
— Бу жанжалларга менинг нима алоқам бор? — деди Асадбек.
— Сиз у томонларда кўп одамларни танийсиз. Мени ўша ердан сайлашгани билан ҳеч кимни танимайман. Ёнимда бўлсангиз...

Асадбек унга қараб турди-да, қўл узатди:
— Яхши бориб келинг...

* * *

Ҳар бир тоғнинг чўққиси бўлганидек, шайтанат олами воқеаларининг баёни ҳам шу нуқтада чўққисига боради. Бу демак, Оллоҳнинг мадади ила биринчи китоб ниҳоясига етди. Омин ва Роббил оламин.

III- qism
 
Keyingi