OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

1 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифТоҳир Малик
Асар номиШайтанат (II- китоб, I- қисм)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Криминал беллетристика
Муаллифлар
   - Тоҳир Малик
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Китоблар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм467KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/12/02
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Шайтанат (II- китоб, I- қисм)
Тоҳир Малик

Муаллифдан

Бисмиллоҳир Роҳманир Роҳийм.

Қаламга хиёнат қилмай яшамоғимда тўғри йўл кўрсатгучи, ниятларимни амалга оширувимда мадад бергучи, мендайин ожиз гуноҳкор қулига вақтида жазо бериб, вақтида тавбаларимни қабул этиб, гуноҳларимни кечиргучи, улуғ устозларга берган неъматлардан менга-да насиб этгучи Оллоҳ таборак ва таолога шукроналар, ҳамду санолар айтмоқ билан бошлагумдир.

Оллоҳнинг мадади ила биринчи китобга сўнгги нуқта қўйганимдан сўнг хийла фурсат ўтди. Асар ўқиғувчига етиб борди. Дашном ҳам, мақтов ҳам эшитиш насиб бўлди. Бу табиий бир ҳол. Ҳеч бир асар барчага баробар маъқул бўлмас. Асарнинг қаеридир бир одамга ёқар, бошқа бировга эса ёқмас. Ёзувчиларнинг асари ҳам бир фарзанд мисолидадур. Алҳол, фарзандингиз бировга хуш ёқар, бошқага эса ёқмас. Танқидларни тинглаб тўғри хулоса чиқаришга интилдим. Бу хусусда мазкур иккинчи китобни ўқиб чиқиб, тайин бир фикрга келарсиз.

Учрашувларда кўп таклифлар айтишди, ҳатто илтимослар қилишди. «Элчинни ўлдирманг, шунча кулфат у учун етарли эмасми?», «Асадбекни ўлдирманг...» Шунга ўхшаш гаплар. Мен уларга аниқ жавоб ёки ваъда бера олмадим. Чунки асардаги қаҳрамонларга мен ҳукм чиқармайман. Ҳукм воқеалар ривожига қараб бўлади.

Кўпчилик асарда ўзига таниш одамларни кўрибди. «Асадбек фалончими?», «Элчин пистончими?» деб сўрашди. Азизларим, бу шунчаки бир тасодиф. Ҳаётда ҳам кимдир кимгадир ўхшайди-ку? Бировга ўхшатсангиз ҳам, айнан шу одам, деган қарорга келманг. Ўқий бошлаганингиз мазкур китобда ҳам тасодифларга дуч келсангиз, ажабланманг.

Бу асарни ҳам тоқат билан ўқиб чиқишингизда Оллоҳ сизга мадад берсин.

Бисмиллоҳир Роҳманир Роҳийм.

Ал-явма нахтиму ала афваҳиҳим ва тукаллимуна айдиҳим ва ташҳаду аржулуҳум бима кану яксибуун.[1]


«
Бир дев бор ичимда, асти пинҳон бўлмас,
Бошини эгмак анинг осон бўлмас.
Иймон не эканлигин англатсам ҳам,
Кофир у ашаддий, ҳеч мусулмон бўлмас.
»

I боб

1

...Юқоридан туриб қараганида дарё суви тиниқ, сокин оқаётгандек эди. Сувни кўрди-ю, ташналик азоби яна забтига олди. Ҳаяжон билан «сув!» деб бақиргиси келади, аммо ташна лабларини жон тарк этиб бўлган. Харсанг тошларни оралаб тезроқ пастга тушмоқни истайди, лекин жон тарк этган оёқлар энди ўзига бўйинсунмайди. Бўйсунмаса-да, жонсиз оёқлар уни дарёга элтади. Бироқ ташна лабларга сув тегмайди. Тепадан қараганида кўринган тиниқ сувдан асар ҳам йўқ. Дарё қуриб қолган (Наҳот етиб келгунимча қуриб битди, деб ўйлайди у), унда-бунда кўлмаклар кўзга ташланади. Кўлмаклардаги сувни ичиб бўлмайди — сасиб ётибди. Унинг кўзлари каттароқ кўлмакдаги илонга тушди. Йўғонлиги ўқловдек ҳам келмайди. Ажиб манзара! Илон бир балиқни ўлжа қилиб юта бошлагану ҳалқумининг кичиклигини ҳисобга олмаган. Оқибатда балиқнинг ярмигина илон оғзида — дам-бадам жон аччиғида думини асабий равишда силкийди. Балиқ ночор, илон эса ундан-да ночор — ютиб юта олмайди, қўйиб қўя олмайди. Балиққа раҳми келди. Уни илон оғзидан юлиб олмоқчи бўлди. Шу ниятда энгашганида бир шовқин эшитилди — худди тунука том устига шағал ағдарилгандай бўлди. У чўчиб атрофига аланглади. Ажиб манзара! Дарёнинг қуйи томонида кўринган сел оқими ўркач-ўркач тўлқинлари билан юқорига қараб бостириб келарди. У қочмоққа шайланди. Жонсиз оёқлари бўйсунмади.
— Сувдан шунчалик қўрқасанми? — деди кимдир.

Кимдир... ким айтди бу гапни? Назарида балиқ айтгандай бўлди.
— Сузишни билмайман, — деб ўзини оқлади.
— Сузишни билмасанг бу тескари дарёга нима учун келдинг?
— Чанқадим.
— Сен бу дарёлардан сув ича олмайсан. Қочма. Ташналикдан ўлгандан кўра сувга бўкиб ўлганинг яхши эмасми?
— Аҳмоқ! Сен ўзингни ўйла!
— Мен сузишни биламан. Аммо шу сувда ўламан...

У тошларга тирмаша бошлади. Оёқларига харсанг боғлангандай — илгарилаши оғир, жуда оғир. Қаёқдан қувват келди, билмайди, ҳарҳолда сел оқимидан қутулиб олди. Ҳозиргина тирмашаётгани харсанг тошлар баланд минора ғиштларига айланди. Минора тепасидаги шаффоф идишда сув бор эди, сув! У минора тепасига етай деганида, ғиштлар анор доналаридай тўкилди. У тубсизлик сари учди. Нафаси қайтди. Онаси «бахтсизликка учрасанг «ла илаҳа иллоллоҳ» деб айтгин», деган эди. Бу ўгитни қарийб унутган ҳам эди. Ҳозир, юраги қинидан чиқаёзган ҳолда қоронғи бўшлиқ сари учиб бораётганда шу сўзларни эслади. Айтмоқчи бўлди, тили айланмади. Ўзини зўрлаб бақирди: Ла илаҳа иллоллоҳ!
— Адаси, адаси, кўзингизни очинг, сизга нима бўлди? Вой, бирам босинқирадингиз-эй...

Зоҳид кўзларини очиб, сочлари тўзғиган хотинини кўрди.
— Ҳечам бунақанги бақирмовдингиз-а, кўчага чиққанингизда гадойга етти танга садақа беринг. Балолардан асрар экан. Тушингизда ўлик-пўлик кўриб қўрқдингизми? — хотини саволига жавоб кутмай, ўрнига чўзилди. — Чалқанча ётманг, яна босинқирайсиз.

Зоҳид хотинининг амрига бўйсуниб чап томонига ёнбошлади. Юраги тепишини аниқ сезди. Хаёлини чалғитиш учун юрак уришини санаб ётди. Хотинининг сўнгги гапи унга ғалати туюлди. Ўйлаб қараса, шу пайтгача тушида сира ўлик кўрмабди. Иши юзасидан турли мурдаларни турли ҳолатларда кўравериб унинг дийдаси қотиб кетган. Мана, йўл четида осилиб турган мурдани кўрган баъзи одамнинг эси оғиб қолиши ҳам мумкин. Зоҳид эса уни синчиклаб қараб чиқишга мажбур. «Бир... ик-ки...» Юраги худди аскар йигитларнинг қадам ташлашидай гурсиллай бошлади. Уйқуси тамом ўчган эди. Юрагида беҳалавотлик сезиб, қаддини кўтарди. Хотини ухламаган эди, бошини сал кўтариб «чой қўйиб берайми?» деб сўради. Зоҳид «ухлайвер» деб ўрнидан турди-да, оёғига шиппакни илиб балконга чиқди.

Оқшомда ерни ямлаб ютаман деган ҳамла билан ёпирилиб келган қора булутлар тўдаси икки-уч ўт пуркаб, гулдурак солиб, заминни шиддатли томчилар билан савалагач, кучдан қолган замин осойишталик ҳукмида беозоргина нафас оларди. Осмон тоза, ҳаво беғубор... Зоҳид кўкрагини тўлдириб нафас олди. Хотинининг гапидан кейин ёқиб юборилган ўлик кўз ўнгидан кетмай қолди. Шундайгина катта йўл бўйига осилган. Ўн-ўн беш қадам наридан машиналар ўтиб турган. Аввал ҳам шундай бўлган. Аввал ҳам, ўтган куни ҳам бирон-бир машина тўхтатмаган, «ҳой, нима қиляпсанлар!» демаган. «Жон ширин-да, — деб ўйлади Зоҳид.— Тўхтаб, танбеҳ берган одам ўлиши, омади келган тақдирда, ҳушидан кетгунича калтак ейиши мумкин эди. Ҳатто милитсия машинаси ҳам тўхтамаган. Шу жойга келганда нима учундир гапга чалғиб, кўрмай ўтиб кетишган...»

Зоҳид бу сафар ишни гувоҳ топишдан бошламоқчи бўлди. Шу мақсадда Ҳамдам Толиповни автомобил назорати ходимлари билан гаплашгани жўнатди. Оқшомдан тонггача тўхтатилган машиналарнинг рўйхатини олдирди.
— Ўзлари ҳам тунда ўтишибди. Гап билан чалғиб бу ёққа қарашмабди,— деди Ҳамдам, сўнг уларни топган баҳоналарига қўшиб, бўралаб сўкди.
— Ҳамдам ака, шу йўлдан ўтган машина эгалари билан ўзингиз гаплашиб чиқасиз, — деди Зоҳид.
— Фойдаси бўлармикин? — деди маёр Солиев,— улар ҳам айнан шу жойга яқинлашганларида гапга чалғиган бўлишади.
— Чиқмаган жондан умид, дейдилар, бир ҳаракат қилиб кўрайлик-чи...

...Ҳамдамни кечгача учратмади. Шу иш билан машғул бўлди шекилли. Ўзи оқшомга қадар тиббий экспертиза хулосаларини кутди. Машина эгасини аниқлаш қийин бўлмади: Жамшид Суннатуллаев. 1954 йилда туғилган. Номусга тегишда айбланиб, қамалган. Муддатидан илгари озод этилган. Мактабда дурадгор бўлиб ишлайди.
— Бу ҳам номига ишлаган. Мактабга бориб юрма, уни барибир танишмайди,— деди Солиев.

Зоҳид ҳам шу фикрда эди. Мактабга борса фақат чалғиши мумкин. Лекин Суннатуллаевнинг жиноий иши баёни билан танишмоқни лозим, деб топди.

Баъзан одамзотнинг ақлига қойил қолмоқ керак. Ўзининг хотирасига ишонмагани учун «Архив» деган нарсани топганки, бу ихтирога тан бермоқдан ўзга чора йўқ. Тўғри, хорижда бу вазифа компютер зиммасига юклатилган. Аммо бизнинг қоғозлардан иборат бўлган архивимиз компютердан ишончлироқдир. Катта жиноятларни қўя турайлик, лозим бўлса, кунда неча марта акса ургансиз — барчасини муҳрлаб қўйиши мумкин. Зоҳидга ўхшаган азамат бир куни архивдаги «иш»ингизни очиб, «Хў-ўш, йигирма беш йил муқаддам, фалон куни, фалон соатда аксирган экансиз, тўғрисини айтинг, нима мақсадда аксиргансиз?» деб қолса ажабланмайсизми? Ана шу қоғозлар ичида Жамшидга алоқадор ҳужжатлар ҳам сақланар эди: бўйи 174 сантиметр, елкалари... кўкраги... оғирлиги, сочи... ранги... Сурати: ёнбошидан, рўпарадан... Жингалак сочли хушрўй йигит. Кўзлари маъюс — «ростдан ҳам мен жиноятчиманми, ростдан ҳам мени қамайсизларми?» деяётгандай.

Зоҳид аввалига «иш»ни ҳафсаласизлик билан варақлади. Ёши ўзидан каттароқ қари қизни зўрламоқчи бўлибди. Ўсмирлар орасида учраб турадиган воқеа. Уйғониш палласида ўзини бошқара олмай қоладиган ўсмирлар юрадиган йўл бу. Тергов баёнлари, гувоҳларнинг сўзларини ўқий бошлагач, сергак тортди. «Иш» билан тўлиқ танишиб чиққач, терговнинг ҳам, суд жараёнининг ҳам белгиланган режа асосида борганини, Жамшид гуноҳсиз эканини фаҳмлади. Зоҳид учун бу ажабланарли ҳол эмас эди. У фақат бир нарсани билмасди — ўсмирлар-ку табиий бир куч олдида ожиз қолишади. Аммо бу ишни олиб борган терговчи, ҳакам қандай куч олдида ожиз қолишди? Уларни қандай куч бошқарди? Асадбекми? Зоҳид уззукун шу тўдани ўйлаб юргани учун ҳам хаёлига биринчи бўлиб Асадбекнинг номи келди. Кейин бу фикрдан қайтди: Асадбек ўсмир болани қаматиб юборадиган даражада майда бўлмаса керак. Жамшид қамалишда беайб экан, жиноятчи жандасини ўша ердан кийиб чиқдими? Сўнг кимга қўшилди? Нима ишлар қилди? Зоҳиднинг бошини гаранг қилган саволлар беҳисоб эди. Бу саволлар ҳолва экан. Суд тиббий экспертиза хулосалари уни гангитиб қўяёзди: мурданинг ёши эллик-эллик бешларда. Жигари ва бошига қаттиқ нарса урилган. Миясига қон қуйилган. Ўнг оёғи синган. Бўйи ҳам, кўкрак қафаси ҳам Жамшиднинг «иш»идаги рақамларга тўғри келмайди. Энг муҳими, осиб ўлдирилмаган. Бу одамнинг жон берганига камида етти-саккиз кун бўлган.

Зоҳид аввалига «бошқа одам ҳақидаги маълумотни адашиб беришдими?» деб ўйлади. Телефон қилиб суриштирди ҳам. Йўқ, бу ўша — катта йўл ёқасида осилиб турган мурда эди. Зоҳиднинг илтимоси билан етиб келган маёр Солиев ҳам, Ҳамдам Толипов ҳам бу хулосадан ажабланишди. Улар бир неча фурсат жим қолдилар. Зоҳид муаммони улар ёрдамида ҳал этмоқ ниятида эди. Хулосани ўқигач, уларнинг кўзларида ҳам савол зоҳир бўлди. Кўпни кўрган Солиев «бунақа ҳодисалар янгилик эмас», деган маънода қараб қўйган бўлса-да, ўйга толгани муаммога банди бўлиб қолганини ошкор этарди. Сукутнинг узоқ вақт ҳукмронлик қилишига Ҳамдамнинг тоқати етмади:
— Хўш, унда Жамшид қани? Бу одам ким? Уни Жамшид ўлдириб, сўнг қочиб қолганми?
— Ўзининг ўрнига машинасини қолдириб, а? — деб пичинг билан изоҳ берди Зоҳид.
— Ҳа,— деди Ҳамдам,— ташриф қоғози бўлмаса ўрнига машинасини қолдираверган. «Мени би-ир мазза қилиб қидириб топинглар» деганида бу.

Унинг ҳазили жавобсиз қолди.
— Хулоса чиқаришга шошилманглар,— деди Солиев ўйчан тарзда.— Ўлдирилган одам ким? Нима учун унинг мурдасини бир неча кун сақлаб туриб, сўнг осиб, сўнг намойишкорона ёқиб юборишган? Бу — олдинги ўлимга жавобми? Энди Жамшиднинг машинаси... Улар кимнидир, балки бизни Жамшиднинг ўлганига ишонтиришмоқчи бўлишганми? Ёки...
— Ёки қотил — Жамшид, дейишмоқчи,— деб изоҳ берди Ҳамдам.

Солиев ўйчан тарзда, худди ўзига-ўзи гапираётгандай эди. Ҳамдамнинг изоҳидан сўнг, унга норози қиёфада боқди:
— Уларни шунчалик калтафаҳм деб ўйлайсизми? — деди нохуш оҳангда. Сўнг Зоҳидга қаради: — Нима қилмоқчисан?
— Ҳайронман. Ўйлаб кўришим керак. Эртага уйига бораман.
— Ўзинг хабар бермоқчимисан? — деди Ҳамдам ажабланиб.— Борма, балога қоласан. Участкавойга айтамиз.
— Сиз... ҳайдовчилар билан гаплашдингизми? — деди Зоҳид унинг гапига эътибор қилмай.
— Гаплашяпман. Учтасини топдим. Кўрмадик, деб туриб олишди. Кўрдим, дейдиган марднинг топилишига ишонмайман...

Борлиққа шом қўнган маҳалда бўлиб ўтган суҳбатни Зоҳид ҳозир, ярим тунда эслади. Уйига қайтиб ўғилчасининг беҳисоб саволларига жавоб бераётганида ҳам, овқатланаётганида ҳам, ётганида ҳам муаммоларнинг чигал калаваси уни ҳоли қўймади. Хаёлан минг турли кўчаларга кириб жавоб излади. У ер остидаги зулумот йўлакка кириб қолган — рўпарада йилт этган ёруғлик йўқ. Ҳали биринчи қотиллик илдизига болта урмай туриб, иккинчиси мана мен деб турибди.

Кўчада машина кўринди. Секин юраётган машинанинг чироғи йўлни пайпаслаётганга ўхшайди. «Ярим кечада нима қилиб юрибди? — деб ўйлади Зоҳид.— Зарурат бордирки, кўчага чиққан. Жамшиднинг машинаси ҳам юкхонасига ўликни ортиб олиб шундай юргандир, мурдани осишга жой қидиргандир? Э, йўқ, қидирмаган. Катта йўлдан учиб борган. Осиш жойини аниқ билган. Кейин-чи? Кейин қаёққа ғойиб бўлди? Балки... Жамшиднинг машинасидан фойдаланишгандир? Балки... ўзи қайси бир овлоқда ётгандир? Балки... уни ҳам ўлдириб бўлишгандир?.. Эҳтимол унинг ўлигини ҳам худди ўша дарахтга осиб қўйишар?»

Эҳтимол... Эҳтимоллар кўчаси тоғдаги сўқмоқлардай беҳисоб. Зоҳидга эса биттагина йўл керак — ҳақиқатга олиб борадиган йўл.

Зоҳид яна бир оз ўйга толиб тургач, ўрнига қайтди. Бироқ уйқуси келмади — тонгни бедор тарзда қаршилади.

Эрталабки нонуштадан сўнг ўғлини боғчага олиб боргач, Жамшиднинг уйига қараб кетди. Эски шаҳарнинг кўчалари тор, кўримсиз бўлгани билан номлари асъаса-ю дабдабадан иборат эди: Шодагул, Файзобод, Қичқириқ, Гулхайри... Маҳаллада дунё кезган бирон амалдор яшаганми ё олам кезишни орзу қилган хаёлпарастми — ҳар нечук жаҳоннинг машҳур шаҳарлари номларини ҳам учратиш мумкин эди. Жамшид яшаган уй Варшава кўчасида экан. Бир арава аранг сиғадиган бу кўча қачонлардир катта кўчалардан ҳисобланган бўлса керак. Уйлар бири-биридан кам фарқланади, ҳаммаси эллик-олтмиш йилнинг нарёғида қурилган. Деярли ҳаммасида болохона мавжуд, аммо дарвозаси йўқ. Дарвозага не ҳожатки, кўчага машина сиғмаса? Жамшид яшаган уй болохонаси кўпдан қаровсиз бўлганидан нурай бошлаган эди. Қўнғироқ бўлмагани учун Зоҳид кўп йилдан бери бўёқ кўрмаган икки табақали эшикни тақиллатди. Ичкаридан аёл киши овоз берди. Дам ўтмай ёши элликдан ошган бўлса-да, чиройини йўқотмаган бир аёл кўринди. «Онасимикин?» Салом беришдан аввал Зоҳиднинг хаёлига шу савол келди. Аёл саломга алик олгач, Зоҳид ўзини танитди. Аёл эсанкирамади, ажабланмади. Ичкарига ҳам таклиф қилмади. Шу сабабли Зоҳид мақсадини даб-дурустдан айтишга иккиланди. Аёл мезбонлик одобига зид иш тутаётганини билиб, хижолатомуз тарзда изоҳ берди:
— Адалари инсулт бўлганлар. Қўл-оёқлари ишламайди. У киши билмай қўя қолсинлар, дардларига дард қўшилмасин.

«Нимани билмай қўя қолганлари маъқул? — деб ўйлади Зоҳид. — Бу аёл биладими? Биров хабар қилдими? Ким?»
— Кечирасиз, сиз Жамшиднинг онасимисиз? — деб сўради Зоҳид, ажабланганини яширмаган ҳолда.
— Мен... нима десам экан... — аёл ўнғайсизланди, кейин паст овозда: — Мен ўгай онасиман, — деб қўйди.
— Узр, билмаган эдим.
— Оналари... Жамшиджон қамалганларида узилган эканлар. Менинг... болам йўқ. Жамшиджонга она бўлармикинман, деб умид қилувдим. Хом хаёл экан. Адаларига қараб ўтирибман... Пешонам шу экан...

Бу аёлга Зоҳиднинг раҳми келди. Кўз олдига Жалолшилимшиқнинг онаси келди. Бола кўрганига пушаймон еган, қошларини чимириб, одамга менсимай қаровчи у аёл киму тирноққа зор ҳолда яшаган, йигит ёшидаги болага она бўлармикинман, деб умид қилган бу аёл ким? «Хом хаёл эканман», деб турган бу аёл қалбида озгина бўлса-да умид сақланиб қолгандир. «Жамшиджон «она», демасалар ҳам майли, уйлансалар, фарзанд кўрсалар, шу болачалар бувижон, деса, мен уларга оналик қилсам, ювиб-тарасам, оналик меҳримни берсам, келинни қизим десам...» Зоҳид шуларни хаёлидан кечириб, беихтиёр аёлнинг кўзларига қаради. Чиройли кўзлар атрофини ажин қоплаганини энди кўрди. «Ажинлар ўтган умрнинг муҳри», дейишади. Балки муҳри эмас, тарихидир? — деб ўйлади Зоҳид.— Агар ажинларни ўқий оладиган компютер ихтиро қилинсами? Бу аёлнинг ажинлари нималарни ҳикоя қилар экан? Тунлари бешик тепасида мижжа қоқмай чиқишни орзу қилганлариними? Ё «она» деган биргина сўзни эшитиш илинжида яшаган йиллариними?.. Ҳозир ўгай ўғли ўлимини эшитгач, юзига яна бир ажин тушмайдими?»

Зоҳид айбдор одам қиёфасида ерга қараб, гап бошлади:
— Мен хунук хабар билан келдим. Жамшид... ўғлингизни...
— Биламан,— деди аёл Зоҳиднинг мушкулини осонлаштириб. Мушкулни-ку, осон қилди, лекин ҳайратини юз чандон оширди.
— Биласизми? Ўлдириб кетишганини биласизми?
— Ҳа, кеча айтишди. Адаларига билдирмадик. Тутинган акалариникидан чиқаришди,— аёлнинг лаблари титради, кўзига ёш келди.— Одамлар бунчаям золим бўлишмаса! Чимилдиқ кўрмай кетди, бояқиш. Бориб йиғи чиқардим. Мендан бошқа ким ҳам йиғларди... Бераҳмлар... ёқиб юборишибдими?.. Менга кўрсатишмади...
— Тутинган акалари ким?
— Маҳмуджон. Қамоқдан чиқаришда ҳам кўп ёрдамлари теккан экан. Адалари доим дуо қилардилар у кишини.
— У киши қаерда турадилар?

Аёл айтди, Зоҳид ёндафтарчасига тез-тез ёзиб олди.
— Жамшидни охирги марта қачон кўрувдингиз?
— Уч-тўрт кун бўлувди. Адаларидан хабар олиб кетувдилар.
— Бу ерда турмас эдими?
— Шу ерда турардилар. Сафарда кўп бўлардилар-да. Ишлари шунақа...
— Қаерда ишларди? Мактабда эмасми?
— Билмасам... Ёшлар ўзингизга маълум-ку, шамолдек учиб юришади.
— Мен... фақат хабар бергани келмаганман. Уйни кўриб чиқишим керак.
— Вой... адалари сезиб қолсалар...
— Бошқа илож йўқ, мени ҳам тушунинг. Мана, ордер.—Зоҳид шундай деб рухсатномани кўрсатди.
— Ишонаман, қоғозингиз керакмас. Фақат... сезиб қолсалар... Ёмон бўлади-да... Эртами-индин келсангиз-чи?
— Эрта-индин ҳам аҳвол шу бўлади-ку?
— Йўқ... Мен адаларини касалхонага ётқизаманми, деб ўйловдим. Жамшиджон ҳам охирги келганларида шундай девдилар. Энди... бунақа бўлганидан кейин... бу ерда ҳам ис чиқариш керак. Хайри-худойи қилиш керак. Касалхонага ётқизмасам бўлмайди. Ўша ерда қарайман. Сиз хотиржам бўлинг, нарсаларига тегмайман. Тегсам, Худо урсин!

Зоҳид папкасидан ташриф қоғоз чиқариб, аёлга узатди:
— Қасам ичманг. Касалхонага ётқизганингиздан сўнг, менга хабар беринг. Танишингиз борми ё биз аралашайликми?
— Бор, сиз ташвиш чекманг. Акам ўша ерда ишлайдилар.

Зоҳид хайрлашиб, изига қайтди. Йигирма қадамча босиб, орқасига ўгирилди. Аёл ҳамон эшик олдида турарди.

«Нимага бу аёлга ишона қолдим? Раҳмим келганиданми? Шу ҳолни Ҳамдам акага айтсам, мени калака қиларди. «Бу соҳада бизнинг энг катта душманимиз — раҳмдиллик» дейди. Балки шундайдир. Жиноятчига раҳм қилсанг, у сени бераҳмларча ўлдириши ҳам мумкин. Лекин барча жиноятчи эмас-ку? Ҳозир уйга бостириб кирганида нима бўларди? Ўғлининг ўлимини сезган отанинг жони узилиши ҳеч гап эмас. Биттагина ножўя ҳаракатим билан унинг ўлимига сабабчи бўлармидим? Ҳа... Лекин мени ҳеч ким қотил демас эди. Ҳолбуки унинг ўлимига мен сабабчи бўлардим. Қизиқ ҳол... Кўпчилик инфарктдан ўлади. Суриштириб келинса, уни кимдир бир соатми ё бир кунми олдин қаттиқ хафа қилган бўлиб чиқади. Ўша хафагарчилик юрагига таъсир этган... Лекин ўша ранжитган одамни ҳеч ким айбламайди. Юрагига ханжар урса, дарров қамаймиз. Ёмон сўз юракка санчилувчи кўзга кўринмас ханжар эмасми?..» Зоҳид шу фикрга келиб, ичкари кирмагани учун ўзини айбламади. Уйдан бир оз узоқлашгач, Жамшиднинг тутинган акаси ҳақидаги аёлнинг гаплари уни шартта тўхташга мажбур этди. «Маҳмуджон, дедими?» Таниш исм. Қаерда учратганман? Ҳа, Асадбекка яқин одамлардан бири Маҳмуд эди. Ўша эмасмикин? Қизиқ, уларга ким хабар берди? Ўликни олиб чиқиб кўмишга ҳам улгуришибди... Бу оддий одамнинг қўлидан келадиган иш эмас...»

Зоҳид орқасига ўгирилди. Аёл кўринмади.

2

Бу боланинг турқи совуқроқ эди. Бировдан сўкиш эшитса кўзини лўқ қилиб индамай тураверарди. Кейин эса... ўз билганидан қолмас эди. Баъзан мақтов ҳам эшитарди. Шунда У совуққина тиржайиб қўярди. Турқи-тароватида совуқлик зуҳр этгани учунми бу маҳаллага кўчиб келишганидан бери болалар Уни қаторларига қўшишмасди. Тўп тепишса ҳам, чиллак ўйнашса ҳам даврага чорлашмас эди. У ҳам «мени ўйинга қўшинглар», деб ялинмасди. Ўйинни тамоша қилиб тураверарди.

Улар уч маҳалла наридаги уйда яшашарди. Ака-укалар тор ҳовлида сиқилиб қолишгач, отаси шу маҳалладаги шинам уйни сотиб олди. Узоқдан эмас, уч маҳалла наридан кўчиб келишган бўлса ҳам У болалар орасида «келгинди» деган ном олди. Уни «гап таъсир қилмайдиган без эди», десак хато гапирган бўламиз. Болаларнинг ўйинга қўшмасликлари, айниқса «келгинди» деб чақиришлари Унинг ғазабини келтирарди. Аммо ғазабга ошно бўлиб қолмаслик учун ўзида куч топа оларди. У зоҳиран тенгдошларининг ўйинини кузатарди. Хаёли эса бу болалар устидан ҳукм ўтказиш йўлларини излаш билан банд бўларди. Бир неча кун ичида У режасини пишитди. Отаси Масковга қатнайдиган поезд ресторанида ишларди. Шунинг учун ҳам уйларида бу шаҳарда топилиши қийин бўлган сигарет, шоколад, сақичлар кўп эди. Моллар вақтида сотилмагани учун баъзан тўпланиб қоларди. Отаси кўпинча йўлда, онаси эса молларни қайта-қайта санашни ёқтирмас эди. У мана шундан фойдаланди. Бир куни мактабдан қайтди-ю, иккита «ВТ» сигаретини чўнтагига солиб, кинохона томон юрди. Кинохона икки кўча нарида, шу атроф маҳаллаларининг зўрлари шу ерга макон қуришган эди. Болалар булардан қўрқишарди. Зўрларнинг зўри — Шомил деган ғилай йигитча эрта-ю кеч шу ерда. Кинохона атрофида у ўзини подшодай ҳис этар, атрофидаги болалар эса унга мулозимдай хизмат қилишар эди.

У кинохона рўпарасидаги анҳор қирғоғида икки бола билан гаплашиб ўтирган Ғилай Шомил томон дадил юрди. Ғилай йўлга орқа қилиб ўтиргани учун унинг яқинлашганини сезмади. У Ғилайга яқинлашиб, тўхтади. Индамай тураверди. Йўлга ёнбош ўтирган, Ғилайнинг ўнг томонидаги бола Унга қараб: «Ҳе, чумо, ишинг борми?» деб сўради. У индамади, боланинг «чумо» деб ҳақоратлаганини дилига тугиб қўйди. Ғилай Унга ўгирилиб қараши билан чўнтагидаги сигаретни олиб узатди. Ғилай сигаретларни олиб, ёнидаги боладан сўради:
— Ким бу?
— Томи кетганлардан биттаси-да,— деди бола. Бу гап ҳам Унинг дилига тугилди.
— Сигарет олиб келишни сенга ким буюрди? — деб сўради ғилай.
— Ҳеч ким.
— Ўзингча олиб келдингми?
— Ҳа.
— Нима учун?
— Сизни яхши кўраман.
— Яхши кўрасанми? Вў, класс! Нима учун?
— Сиз — зўрсиз!

Бу баҳо Ғилайга ёқиб, хахолаб кулиб юборди.
— Эшитдиларингми, вў, класс! — деди шерикларига қараб.
— Ў, бор, қулоққа лағмон осма,— деди ўнг томонда ўтирган бола.
— Тўхта, ҳайдама,— деди ғилай Шомил,— ке, братишка, ўтир. Калланг бор экан, сен ҳам зўр бўлиб кетасан. Отинг нима?
— Ҳосил.
— Класс! Зўр от! Сен прўста Ҳосил эмас, Ҳосилбойвачча бўласан. Кетворган бойвачча бўласан! — Шомил шундай деб унинг елкасига уриб қўйди. Сигаретни очиб биттасини лабига қистирди, сўнг шерикларига тутди.

У эртасига ҳам сигарет олиб келди. Таклифни кутмаёқ, Ғилайнинг ёнидан жой олди. Бундан болаларнинг ғаши келди, аммо Ғилай индамагани учун улар ҳам мум тишлаб қолаверишди. Шу-шу бўлди-ю, У ғилай Шомилнинг ёнидан доимий жой олди. Масковдан келган тоза ароқ (Шомил шундай деб баҳо берди)лардан бирини олиб чиққач, мартабаси яна ҳам юқорилагандай бўлди.

Бир куни оқшом чоғи Шомилнинг ёнидан қайтаётиб кўчасидаги болаларнинг тўп ўйинига дуч келди. Ўйинга бир оз қараб турди. Тўп ёнидан ўтаётганида шартта тутди-да, устига ўтириб олди. Уни «келгинди» деб менсимайдиган болалардан бири:
— Коптокни бу ёққа чўз! — деб буюрди.

У тиржайиб қўйди. Жойидан жилмади. Унинг мақсади жанжал чиқариш эди. «Яна бир дўқ урсин, сўксин, кейин кўрадиганини кўради», деб ўйлади. Лекин у бола бошқа бақирмади, сўкмади. Тўғрироғи, сўкишга улгурмади. Бошқа бир бола келиб, қулоғига нимадир деб пичирлади. Афтидан: «Бу билан ҳазиллашма, Шомилнинг одами», деди шекилли.

Дўқ урган бола унга ўқрайиб қаради-да, бурилиб кетди. Ўйин бузилди. Унинг жанжал чиқариш мақсади амалга ошмади — қалъа жангсиз таслим бўлди. Бу Унинг биринчи ғалабаси эди! У чўнтагидан пичоқча чиқариб, тўпни иккига бўлди. Тарқалмай турган болалардан бири «коптогим!» деб юборди. У эса ишшайди. Мағрур ҳолда чўнтагидан битта ўн сўмлик чиқариб, бўлинган тўп устига ташлади.
— Ўйнайдиган бўлсаларинг, тузукроқ коптокда ўйналаринг,— деб мағрур қадамлар билан уйига қараб кетди. Бу — унинг кибр йўлидаги дастлабки қадами эди. Кўп ўтмай хоинлик кўчасидаги қадамини ҳам қўйди. У Шомилнинг ўғирлик қилишини аниқ билмасди, аммо гумони бор эди. Бир куни гап орасида отасининг яқин дўсти бой экани, савдогар эканини айтди. Шомил эса уйида нималар борлиги билан қизиқди. У билганича айтди. Шомилга шу билганларининг ўзи кифоя қилди. Икки кундан сўнг уни мактабидан, дарс пайтида чақиртирди.
— Братишка, ҳозир паханингнинг оғайнисиникига борасан. Оти нимайди, Ҳасанми? Ҳа, опоқингга айтасан: «Ҳасан амакимни ментлар тутиб олди, нарсаларни гум қилар экансиз», дейсан.

Унга бир гапни икки марта тушунтиришнинг ҳожати йўқ эди — Шомил айтганидай қилди. Унинг ҳовлиқиб айтган гапини эшитиб опоқиси тамом гангиб қолди. Бир оз нима қиларини билмай талмовсираб турди-да, сўнг: «Вой, айланай сендан», деб ичкарига бошлади. У эса ўзини гўлликка солиб ёрдам берди. Ҳар хил қимматбаҳо матолар, кийимлар тугилди, тилла тақинчоқлар ўралди. Энди қўшниникига олиб чиқиб яширамиз, деб туришганида эшик қўнғироғи жиринглади. Опоқи қўрққанидан тугун устига ўтириб олди. У эшикни очди. Қараса — қора «Волга», башанг кийинган икки йигит. «Бу кимнинг уйи?» деб сўраб ҳам ўтиришмади. «Биз тинтув қилгани келдик», деб остона ҳатлашди. Семизлигидан юрганида ҳансираб қоладиган опоқи тугун устида ҳайкалдай қотган, оёқ-қўлининг енгил титрашидан унинг ҳали ҳаёт эканини пайқаш мумкин эди. Йигитлар зинага яқинлашганда унда яна бир жон нишонаси сезилди: «Вой ўлдим, вой хонавайрон бўлдим», деб фиғонини бошлади. «Сизлар кимсизлар, ўзи? Тинтувга рухсат қоғозинглар борми?» дейиш хаёлига ҳам келмас эди. Назарида эри қамоқда азоб чекмоқда, ҳозир уни ҳам олиб бориб илон-чаён билан тўла зиндонга ташлашади.
— Агар молларни яширмай ўз хоҳишингиз билан топширсангиз, эрингизнинг гуноҳи енгиллашади. Уч-тўрт ойда эсон-омон қайтади. Ўжарлик қилсангиз, камида ўн йилга кетади. Шерик сифатида сиз ҳам қамаласиз, уйингиз мусодара қилинади,— деди келганлардан бири.
— Вой, қамалмай мен ўла қолай,— деди опоқи йиғламсираб.— Мана, ҳаммаси тайёр, ҳозир ўзим олиб бориб топшираман, деб турувдим, Ҳосилжон, болам, сен айтгин, топширмоқчийдим, а? Ана қўшним гувоҳ, айт, болам.
— Ҳа, топширмоқчийдилар,— деди У минғирлаб.
— Совет кишисининг фазилати шундай, — деди қўрқитаётган йигит.— Ҳалоллик — соғлик гарови.

У айвонга чиқиб тугунлардан бирининг четини очиб кўрди.
— Ҳаммасими? Яширмадингизми?
— Вой, яшириб гўримга ортмоқлаб кетаманми? Худо урсин, ҳаммаси шу, ана, гувоҳ болам айтсин.
— Қани, братишка, кўтар, машинага олиб чиқ.

«Братишка»... демак, «Шомилнинг одамлари», деб ўйлади У. Томошадан завқланган ҳолда, буюрилган ишни бажарди.
— Эртага соат ўнда идорага борасиз. Тилхат ёзиб берамиз.

Улар шундай деб чиқиб кетишди.

Томошани-ку, кўриб маза қилди. Айни чоқда, томоша нима билан тугашини фаҳмлаб, жавобларини ҳам пухталаб қўйди. Шомил ўшанда Унга қойил қолган эди. Бошқа бола бўлганида югуриб келарди, «енди нима қиламан», деб зир титраган бўларди. Ёки уйидан қочиб кетарди. У эса парвойи палак — қуёш ботишини кутиб, уйида ўтирди.

Қуёш ботдими, демак, бозордагилар ҳам уй-жойлари борлигини эслашади. Кун бўйи минг қиёфага кириб, дам алдаб, дам ялиниб, дам мақтаб, Худодан эмас, назоратчилардан қўрқиб чарчаган бозорчилар сўнгги ҳунарларини ишга солиб, автобусга кира ҳақи тўламай, уйларига етиб оладилар. Сўнг ёстиққа ёнбошлаб пул санайдилар. Ана шу пулни санаш чоғида бир кунлик ҳордиқ кўтарилади... Ҳасан ака эса бу шом ёстиққа ёнбошлашга, пул санашга улгурмайди. У Ҳасан аканинг уйга кириб келишини, хотини билан учрашишини ўзича кўз олдига келтириб кулимсираб қўяди.

...Шубҳасизки, Ҳасан ака уйга кириб келгач, хотини довдирайди. Отаси гўрдан қайтиб келса бунчалик ажабланмас, аммо «камида уч-тўрт ой қамоқда ўтириши лозим бўлган» эрининг кириб келишидан ҳайрон бўлади.
— Вой, Худойимдан айланай, қўйиб юборишдими, а? — дейди хотин.
— Ким қўйиб юборади? — деб ажабланади эр.

Сўнг... бошланади. Сўнг... ғазаб отига минган эр-хотин узун-қисқа бўлиб кириб келишади.

Шундай бўлди. «Онагинангни Учқўрғондан кўрсатаман!» деб Ҳасан ака дўқ урди. «Ергина юткур, писмиқ», деб хотини қарғади. Уларга отаси билан онаси қўшилди. У эса киприк қоқмай тураверди. Фақат отаси уриб юборганидан сўнг тилга кирди. У отасидан ҳеч бўлмаса бир шапалоқ ейишини, шапалоқдан кейин мушт тушиб қолмаслиги учун йиғламсираб бақириши лозимлигини ҳам ҳисобга олган эди.
— Урманг! Агар урсангиз, буларнинг уйини ёқиб кетишади.
— Ким ёқади? — деб сўрашди бараварига.
— Ўша одамлар.
— Сен уларни танийсанми?
— Йўқ. Кўчада турувдим. Биттаси келди. Ҳасан акангникига кириб шу гапни айтасан, деди. Мен айтмайман, дедим. Алдаётган бўлсангиз, мени ўлдиришади, дедим. У киши «агар сени биров чертса ҳам мана шу уйни ёқиб юборамиз», деди. Агар кириб айтмасанг, сени сўямиз, дейишди. Мана бу еримга пичоқ тиқиб олай деди,— У шундай деб бармоғини бўғзига ниқтади. Онаси Унинг гапига чиппа-чин ишониб, қўрқиб кетди. У эса гапи таъсир эта бошлаганини сезиб, сўнгги, ҳал қилувчи зарбани берди: — Ишонмасангиз ментларга хабар қилинг. Ҳаммасини айтиб бераман. Улар ўғриларни топишади.
— Ментларинг ким? — деди опоқиси тушунмай.
— Милиса,— деб пўнғиллади У.
— Адаси, гапи тўғри, а?
— Йўқ, милисанинг кераги йўқ. Уларни ўзимиз топамиз. Ҳасанжон ошна, буни менга қўйиб беринг, билганларини жонига қўшиб бўлса ҳам суғуриб оламан. Топилмаса, молларнинг тенг ярми менинг бўйнимда.

Улар чиқиб кетишгач, отаси яна исканжага олди. Яна урди. Энди онаси ёнини олди.
— Айтмасам ўлдиришарди, деяпти-ку? Шуларнинг моли деб менинг болам ўлиб кетиши керакмиди?
— Ҳовлиқма, э галварс, бунингни қўрқитишган. Бу ҳезалак битта гапга лаққа тушган.
— Лаққа тушмадим. Қўрққаним ҳам йўқ. Мен ҳезалак эмасман,— деди У дадил.— Ўлдирмаслигини билардим. Лекин бошқа ишни албатта қиларди.
— Қанақа ишни?
— Ҳасан аканики бўлмаса, бизникига киришарди. Шу кўчадан иккита уйни мўлжаллашган экан.

Шу гапи боши узра қуюқлашаётган абри балони тарқатди. Отаси шаштидан тушди, онаси Унинг ақлига тасанно айтди.

У қуруқ қолмади ўшанда. Чўнтаги пулга тўлди. Шомил учун қилиб юрган барча харажатлари қопланди. «Сизга билдирмай сигарет сотувдим», деб онасига ҳам пулдан бериб, олқиш олди. Қолган пулни Шомилнинг атрофидаги болаларни ийдиришга сарфлай бошлади. Шомил бошқаларга нисбатан кўпроқ унга ишонарди. Шу ишонч туфайли Шомилнинг катта акалари даврасига кириб борди. Катта акалар билан Унинг орасида Шомил бор эди. Уни йўлдан олиш, катта акаларга воситачисиз яқинлашишни ўйлади. Бир неча уйни ўмаришда ёрдам бергач, катта акалар ҳам уни яхши кўриб қолишди. Ана ўшанда у ақлини ишга солди. Шомилни мустақил ишлашга ундай бошлади. Шомил ёнига уч болани олиб, у кўрсатган уйга тушди. У эса ўша заҳоти милитсияга хабар қилди. Бир марта судланган Шомил қулоғини ушлаб кетди. У эса олға бораверди. Аввал кинохона атрофининг мутлақ хўжайини бўлди. Шомил болаларни куч билан ушлаб турарди. У эса пули билан ушлади. Шомил қамоқдан қутулиб чиққанида Унинг таъсир доираси анча кенгайган, оддий Ҳосил эмас, чиндан ҳам Ҳосилбойваччага айланган эди. Шомилга хиёнат қилган бўлса ҳам, қамоқдан чиқишини аниқлаб, ўзи кутиб олди. Шоҳона иззат кўрсатди.
— Хоинлигингни билсам ҳам сени сотмадим,— деди Шомил унга.
— Сиз — зўрсиз! Сотмаслигингизни билардим.
— Нимага атрофимда пашшахўрда бўляпсан, энди қўрқяпсанми?
— Сизданми? — У кулди.— Мен ҳеч кимдан қўрқмайман. Сиз менга кераксиз. Мен эсам сизга керакман. Сиз — зўрсиз, лекин катта ишлар қўлингиздан келмайди.

Шомил бир-икки кун суриштириб, мавқеини аниқлагач, Унга тобе бўла қолди. Илгарилари У Шомилнинг ёнидан жилмаган бўлса, энди Шомил унинг ёнидан жилмайдиган бўлди. Ғилайнинг ўқрайиб қарашиёқ кўпчилик кўнглига ғулғула соларди. Ана шу қараш туфайли айрим ишлар «Тинч йўл билан ҳал этилар эди»...

Ҳосилбойвачча ҳали кенг қанот ёймасдан аввал Асадбек пинжига киришга уриниб ҳам кўрди. Унинг нияти қалъа ичига ўтиб, сўнг аста емириш эди. Бироқ қалъа саркардалари У ўйлагандек анқов эмас эдилар — яқинлаштирмадилар. Асадбек Унинг турқини кўргандаёқ энсаси қотди. Чувринди Унинг таржимаи ҳоли билан эринмай қизиқиб, Асадбекни хавфдан огоҳ этди. У ҳатто Кесакполвонга ҳам ёқмади. «Бу мижғовнинг қўлидан фақат мижғов ишлар келади», деди. На илож, йўли тўсилган экан. У ҳам анойи эмас, индамай орқасига қайтавермайди. Қалъани қамал қилади. Ўн йилми, йигирма йилми, қамал қилиб тураверади. Охир-оқибат қўлга олади. Сўнг қўпориб ташлайди.

Кейинги воқеалар, айниқса Қилич Сулаймонов воқеаси унга қалъа нурай бошлаганидан далолат берди. У аввалига винзавод бошқонига ёрдам берди. Сўнг қўл-оёғини боғлаб эгасига топширди. Қилич Сулаймонов Ҳосилбойваччага суянаман, деб гўллик қилди. Болаликдаги воқеалар, гаплар унинг эсидан чиққан эди, Ҳосилбойваччанинг эса хотираси тиниқ, ўйинга қўшмаган, «келгинди» деб ҳақорат қилган болани у ҳали унутмаганди. Қилич Сулаймонов баҳонасида Асадбекка қарши олиб бораётган пинҳона уруши яширин ҳолатидан чиқа бошлади. Элчинни тўйга таклиф этиб шарманда қилганида буни кўпчилик сезди. У даври-даврони келаётганини сезди. Айниқса Жамшиднинг ўлими «душман лагери»нинг парокандаликка учраётганини аён этди.

Чувриндиникига фотиҳага борди. Мақсад — фотиҳа ўқиш эмас, мақсад — Асадбекнинг, аъёнларининг ранг-рўйини кўрмоқ, кайфиятлари қандай эканини аниқламоқ эди. Асадбекни ҳам, Кесакполвонни ҳам учратмади. Уни Чувриндининг ёлғиз ўзи, сир бермаган ҳолатда кутиб олди.
— Кимнинг иши экан бу? — деди Ҳосилбойвачча.
— Дунёда ғаламислар камми? — деб жавоб берди Чувринди.
— Ҳарҳолда ғафлатда қолибсизлар. Бек акамга айтинг, ғафлат ёмон нарса. Бу иккинчиси, а?
— Ҳа, иккинчиси.
— Бизга хизмат борми? Топайлик ўша ғаламисларни.
— Э, бойвачча, ташвиш чекманг. Ўрганнинг нонини яримта қилмайлик. Ғаламисларни топиш — уларнинг юмуши. Биз тирикчилик орқасида тинчгина юрган одамлармиз...

Шу суҳбатнинг эртасига «Асадбекнинг қизи ўзини осибди» деган таҳликали хабарни эшитгач, унга кўп нарса ойдин бўлди. «Бек ака тугабдилар, асфаласофилинга жўнашларига бир қадам қолибди», деб қўйди.

Шу куни Ҳосилбойвачча қамал ҳолати якунланганини англади.

3

Зелихон бирон ғалва чиқмоғини кутган эди. Аммо бу қадарли фожиа юз берар, деб ўйламаганди.

Беозоргина тонг отди. Бу тонгни Исмоилбей одати бўйича намоз билан, кичкинтойлар уйқуларида кўраётган ширин тушлари билан кутиб олишаётган эди. Аҳадбейнинг илтимосига кўра бу уйда тунаган Зелихон ухлагандай бўлмади. Ҳар ярим соатда шовқин солиб ўтувчи поезднинг гулдирагига бу хонадондагилар кўникиб қолган, ухлайверишади. Исмоилбей бомдодни ўқиётганида яна бир поезд ўтди-ю, Зелихон ўрнидан туриб кетди. Аҳадбей ҳам уйғоқ эди, ошнасининг турганини кўриб, у ҳам қаддини кўтарди.

Исмоилбей намозни адо этиб бўлганидан кейин ҳам жойнамоздан жилмади. Отасининг узоқ ўтириб қолганидан ажабланиб, Аҳадбей унга қараб-қараб қўйди.

Қуёш кўтарилганида болалар ҳам туришиб, барчалари бирга ўтириб нонушта қилишди.
— Тўйни бекор қолдирдинг, ошна, мана, ҳаммаси тинчиганга ўхшайди,— деди Зелихон чой ича туриб.
— Тинчигани рост бўлсин,— деди Аҳадбей.— Энди тўйни қовун пишиғида қиламиз.
— Иншооллоҳ,— деди Исмоилбей ўйчан.— Бандаларига инсофу тавфиқ берсин. Зулмдан асрасин. Я бани Одама! Инни ҳаррату-з-зулма ала нафсии ва жаалтаҳу байнакум муҳарраман фала тазаламуу.

Одамлар билан гаплаша туриб, ора-орада ўзича пичирлаб қўйиш Исмоилбейнинг одати эди. Бу сафар пичирламай, ҳамма эшитадиган қилиб арабчалаб гапириши Зелихонни ажаблантирди.
— Гапингизга тушунмадим? — деди у.
— Тушунмадингми? Ҳа, бу ҳикматни англаш қийин. Англаган тақдирда ҳам амалга ошириш мушкулдир. Бошқаларни қўятур. Мана, сен, англаганингда ҳам ижро этолмайсан.
— Шу қадар бефаҳмманми ё ожизманми? Қани, айтинг-чи. Балки...
— Оллоҳ субҳанаҳу ва таоло айтадики, «Эй одам фарзандлари, мен зулмни ўзимга ҳаром қилдим ва уни сизларнинг ўрталарингизда ҳам ҳаром қилдим. Бас, бир-бирларингизга зулм қилманглар».
— Яхши гап экан,— деди Зелихон.— Лекин менга танбеҳ берганингизга тушунмадим. Мен ҳали бировни ўлдирмаганман. Тўғри, урганман, ўмарганман, лекин ўлдирмаганман.
— Зулм фақат ўлдиришдан иборат эмасдур. Ёмон сўз айтиб бировнинг дилини оғритиш ҳам зулмдир.
— Энди бу ёғини жуда тор олиб юбордингиз. Баъзан шунақа ҳолат юз беради-ки, бирон аблаҳни ўлдириб фақат савоб топасиз. Мана, Селимни дўппосладим. Аҳадбей кўрди. Аслида қилмиши учун уни ўлдиришим шарт эди.
— Ал қасосу минал Ҳақ! Жазо беришга сенда ҳуқуқ йўқ. Жазоловчи қодир Худодир.
— Худо у аблаҳни жазолагунича, дунёни остин-устин қилиб юборади.

Исмоилбей Зелихонга гап уқдириб бўлмаслигини билгани учун «Бандаларингга инсоф бер», деб пичирлаб қўйиб, баҳсни тўхтатди. Зелихон гапни чуваламади.

Дастурхон йиғиштирилаётган пайтда кўчанинг нариги бетидаги қўшни кўринди. Кўча эшик очиқ эди, шу сабабли «Домлажон, уйдамисиз?» деб кириб келаверди. Уч-тўрт кундан бери соқол олишга ҳафсала қилмаган эллик ёшлардаги киши Исмоилбей билан қўшқўллаб сўрашди. Дастурхонни қайта ёзишмоқчи эди, унамади.
— Бозорга бормоқчиман, домлажонни бир зиёрат қилай, дедим. Кўчага чиқиб қарасам, дарвозамнинг тепасига чорси боғлаб қўйилибди. Яп-янги, денг. Ечиб, белимга боғлаб олдим, — у кулимсираб белбоғни кўрсатди. — Ҳойнаҳой домлажоннинг набиралари боғлашгандир, совчи қўймасдан олдин турклар шунақа қилармикин, деб фикр қилдим.
— Йигитали ака, бизда бунақа одат йўқ. Совчи қўйишга ҳали беш-ўн йил бор.
— Энди бу бир омади гап-да, Аҳадбей иним. Ҳозирдан чорси боғлаб турилса, чорсидан ялчиб қолармидик, дейман-да. — У шундай деб кулди-да, ажабланиб қараб турган Зелихонга кўзи тушиб, жиддийлашди. — Бу ҳазил, домлажон, омади гап шуки, мен мундай қарасам, яна уч-тўрт дарвоза тепасига боғланган. Шунга бошим гаранг бўлди. Бозорга боришга ҳам оёғим тортмай қолди. Йўлдан қайтдим. Юрагимга бир ғулғула оралаганга ўхшайди.

Йигиталининг кейинги гапини эшитиб, Исмоилбей бошини эгди. Унинг юраги бир неча кундан бери нотинч эди. Бир неча кундан бери кўзини юмди дегунича, она юрти Месхетияни кўради. Денгиз мавжлари кўзларини қувнатади. Денгиз соҳилида, қирғоқдаги майда тошларни оҳиста силаётган ожиз тўлқинларни безовта қилиб югураётган иштончан болани кўради. «Сен кимсан?» деб сўрайди ажабланиб. Бола қиқирлаб кулади. «Мен — ўзингизман, мен — Исмоилбейман. Мен бунда бобомни кутаётирман». Ҳаётни фақат шодликдан иборат деб ўйловчи бола — Исмоилбей қийқириб, қувнаб югуради. Дунёдан ризқи узилай деб турган қария — Исмоилбей эса унга ҳавас билан қарайди. Унга эргашиб югургиси келади. Аммо оёқларини ердан уза олмайди. Бола — Исмоилбей югуради. Сачраган сув томчилари қуёш нурида зумрад мисол бир товланиш беради-ю, яна ўз ўрнига қайтади. Боланинг қувнашидан денгиз ҳам маст, қуёш ҳам яйраб нур сочади... Сўнг... денгизнинг уфққа туташ ерини ёндириб қуёш ботади. Сўнг Ой кўтарилиб, бу ёнғиндан азият чеккан денгиз юзини силаб, овутади. Ой нури денгиз узра узун пояндоз солади... Шу онда пояндоз устида бобоси кўринади. Бола — Исмоилбейни кўтариб, елкасига ўтқизади. Изига қайта бошлайди. Бола хурсанд. Бобоси ғамгин. Индамайди. Нур пояндоз бўйлаб юраверади. Қария — Исмоилбей бобосини чақиради. Жавоб бўлмайди. Сўнг у ҳам пояндозга оёқ қўяди. Юраверади, юраверади... Охири денгиз тубига қараб туша бошлайди. Бола — Исмоилбей билан бобосини сув ютади. Унинг эса нафаси қайта бошлайди... Чўчиб уйғонади. Калима келтиради... Неча кундан бери аҳвол шу. «Бу нимадан дарак беради?» деб ўйлайди. Ўй ўйлаб, ўйининг ниҳоясига ета олмайди.

Йигиталининг гапи хавотирини яна уйғотади.
— Кимларнинг уйига чорси боғланибди? — деб сўради Исмоилбей.
— Ҳайдарали, Муҳсинали, Зиёдали, Ниёзали...

Бу маҳаллада ўзбекларга нисбатан турклар кўпроқ эди. Йигитали номини тилга олган одамлар ўзбеклар бўлгани учун, Исмоилбейнинг гумони ҳақиқатга айлангандай бўлди. Лекин Йигиталига сир бой бермади.
— Йигитали, сиз бозорга баҳузур бораверинг. Бу болаларнинг бир ўйини бўлса керак-да.

Йигитали чиқиб кетгач, Исмоилбей Зелихон билан Аҳадбейни ёнига чорлади:
— Бу ўйинда бир шумлик бор кўринади, — деди у. — Зийрак бўлинглар. Кимдир ўзбекларнинг уйларини белгилаб чиқибди. Шу уйларга бало ёғилмасин, зийрак бўлинглар.

Зелихон нонуштадан кейин кетмоқчи эди. Бу гапни эшитиб, жойидан жилмади. Барчаларининг кўнглига булут соя ташлаган, бироқ улар бу булутнинг номи офат экани, ундан тез орада ёғажак офат ёмғирининг неча ширин жонларни суғуриб олмоғини, неча одамларнинг саргардонлик балосига мубтало этмоғини билмас эдилар.

Бу тонг қуёш беозоргина бош кўтарган эди. Одати бўйича беозор нур сочарди. Ажабки, бу беозор нур-дан ғофил бандалар ҳам, аҳли шайтанат ҳам нур эмарди.

Офат булути кутилмаган тезликда, кутилмаган ёвузлик дўлини ёғдириб бу маҳаллага ҳам етиб келди. Булутнинг совуқ шабадасини аввал Йигитали келтирди. У ҳовлиқиб кирди-да:
— Домлажон, омади гап шуки, дам ғанимат! Туркларнинг уйларига ўт қўйишяпти! Ўзларини калтаклашяпти, қочинглар! — деди.
— Ким ёқяпти, ким уряпти? — деб сўради Зелихон.
— Ким бўларди? — деди Аҳадбей унга жавобан. Ўғлининг заҳарли гапини эшитган

Исмоилбей бош чайқади:
— Ундай гумон қилма, ўғлим. Нон берган жон олмайди.

Маҳалланинг кунботар этагидан қуюқ қора тутун ўрлай бошлади.
— Қаранглар! — деди Йигитали.
— Болалар қани?! — деб бақирди Зелихон. — Тез бўл!

Улар кўчага чиқишганида оломон кўринди.
— Бизникига, бизникига киринглар, — деди Йигитали ҳовлиқиб.

Фикрлашмоққа, маслаҳатлашмоққа фурсат йўқ эди. Ҳаммалари ваҳима тўрига ўралган ҳолда Йигиталиникига отилишди.
— Дарвозага боғланган чорсининг маъносини энди тушундингизми? — деди Зелихон. — Ўзбекларнинг уйини белгилашган, бу уйларга тегишмайди.
— Мен аҳмоқ, уни ечиб олибман, — Йигитали шундай деб, кўчага чиқди.

Одамларнинг ҳайқириқлари, фарёдлар, ёнаётган уйларнинг томидаги шиферларнинг оташ забтига чидамай қарсиллаб ёрилиши — ҳаммаси айқаш-уйқаш бўлиб кетди.

Оломон Исмоилбейнинг уйига яқинлашганида Йигитали уларнинг йўлини тўсмоқчи бўлди.
— Ҳой, яхшилар, бу уйда домла турадилар. Тегманглар, Худодан қўрқинглар!

Оломонни бошлаб келаётган малла одам унга таниш кўринди. Бироқ уни қаерда кўрганини бу саросимада эслай олмади. Малла бензин тўлдирилган пластмас идишни қўлтиқлаб олган эди. Йигитали уни қўлидан ушлади.
— Биродар, бу уйга тегманглар. Домланинг уйи. Болаларимизни ўқитган.
— Нари тур! — малла шундай деб сўкинди-да, тирсаги билан қаттиқ туртди.

Йигитали шундан кейин эслади: буни кеча оқшом чоғи шу кўчада кўрган эди. У ўзига ўхшаган уч-тўрттаси билан кўзлари олазарак ҳолда кўчадан секин ўтиб бораётганида Йигитали: «Биродарлар, бировни қидиряпсизларми?» деб сўраб, «Аммангнинг эрини, бор ишингни қил», деган жавоб эшитган эди.

Кўкрагидан зарба еган Йигитали аччиқланди-да, уни ёқасидан олди:
— Тегма, деяпман сенга, итдан тарқаган!

Малла унинг оёғига зарб билан тепди. Йигитали оғриққа чидолмай чўккалаб қолганида жағидан тепки еб, чўзилди. Малла бир оёғи билан томоғини эзган ҳолда устидан бензин қуя бошлади. Ана шу онда Зелихон эшикдан мўралади. Маллани таниди — Федя! У яшин тезлигида эшикни очиб, кўчага отилди. «Федя!» деб бақирди. Федя овоз қаёқдан келганини фаҳмламай туриб жағига тушган мушт зарбидан қалқиб кетди. Қорнига тушган тепкидан букчайиб, қўлидаги идишни тушириб юборди. Зелихон ҳушидан кетаёзган Йигиталини турғизмоқчи бўлди.
— Ўзларингнинг ўзбекларингни ўлдиртириб томоша қилиб турасанларми! — деб бақирди Зелихон оломонга қараб.
— Урларинг, бу туркни! — деб бақирди жон аччиғида Федя. Шу заҳоти Зелихон гарданида оғриқ сезди. Йигиталининг: «Биродарлар, бу турк эмас!» деган бақириғини эшитди. Эшитди-ю, ҳушидан кетди. Димоғига аччиқ тутун кириб, кўнгли айниди.

II боб

1

«Ман залла фи нафсиҳи рафаъаллоҳу қадраҳу ва ман азза фи нафсиҳи азаллаҳу фи аъюни ибодиҳи»[2].

Асадбек бу ҳикматдан бехабар эди. Бола чоғида, бундай ҳикматлар қалбига муҳрланиши лозим бўлган паллада отаси урушда эди. Онаси тирикчилик ташвишидан ортмасди. Маҳалладаги қари-қартанглар ҳам болаларга одоб ўргатиш юмушига бефарқ бўлиб қолган эдилар. Гўё улар уруш тамом бўлганидан кейин ҳам ҳаёт давом этажагини, жамият яхши хулқ эгаларига муҳтож бўлажагини унутган эдилар. Барча ўз қайғуси, ўз ташвиши билан банд эди. Кейинчалик оғир замонлар ўтди. Қорин тўйди. Аммо руҳ оч қолаверди. Одамлар эса баргсиз, мевасиз дарахтга айландилар.

Асадбекнинг руҳи баъзан очликдан чириллар, вужудини тилка-тилка қилиб ташларди. У чорасиз, бу ёшда энди руҳини тўйдира оладиган озуқа топа олмас эди. Руҳи оч одамнинг бу дунёда умр кечирмоғи оғир, жуда оғир. Мол-мулк ҳисобсиз, аммо руҳ оч. У баъзан ҳолатига ўзи ҳам тушунмай ўйга толади: «Менга яна нима етишмайди?» деб ўзига-ўзи савол беради. Савол беришга беради-ю, жавоб топа олмайди. Бу ожиз банда билмайди-ки, бойликда ҳеч қандай улуғворлик йўқтур. Бойлик — сокиндай кўринган денгиз узра қурилган бир қасрдир. Денгиз бир чайқалса, тамом, қасрдан ном-нишон қолмас.

Сиртдан қараган кишига балки у бахтли кўринар. Асадбек файласуфона фикрлар билан машғул бўлмоқни ёқтирмайди. Мушоҳада қилмоқни Чувриндига чиқарган. Бир куни у: «Кимнинг қалби бўлмаса — у бахтсиздир», деган эди. Кесакполвон: «Бунақа гапларинг билан миямнинг астарини тескари қилиб юборасан», деб сўзини бўлган, Асадбекка эса мана шу ҳикмат ёққан эди. Ҳатто бир неча кун бу ҳикматнинг мағзини чақмоқчи бўлиб ўйланиб ҳам юрди. Кейин эса... ёдидан чиқарди.

Зайнаб ўзини осгач, хотирасининг қай бир бурчакларида ғафлат босиб ётган бу ҳикмат уйғонди. «Менинг қалбим йўқми, мен бахтсизманми?» деган савол уни оғир аҳволга солиб қўйди. Қизининг ўзини осиб қўйганини эшитиб қўрқди. Нимадан қўрқди — билмайди. Зайнаб ўғирланиб, сўнг қайтиб келган маҳалда, «бундан кўра ўлдириб юборганлари яхши эди», деган ўйга ҳам борган эди. Қизи ажал билан юзма-юз бўлганида эса, қўрқди. Кечагина номус унга ҳукм ўтказган эди. Шу номус бандилигида Жамшидга ўлимни раво кўрган эди. Бугун номус туйғуси уни тарк этди. Боласининг ўлиши мумкинлиги уни қўрқувга солди. Шу қўрқув туфайли қизи ётган уйга киришга юраги бетламади. Манзура фожианинг сабабини билмас эди. У эса, аниқ билмаса-да, тахмин қиларди. Шу боис уйга кириб қизининг кўзига қарашга ботинмас эди. Манзура бир-икки ҳовлига чиқиб, унга маънодор қараб қўйгач, киришга мажбур бўлди. Зайнаб кўзларини шифтга қадаб ётарди. Отаси кирганини билса ҳам, ҳатто киприк қоқмади. У ўзини осганини билади. Аммо ҳозир тирикми ё ўликми эканини билолмайди. Онасининг йиғламсираган овозини эшитади. Бироқ гапларини дуруст уқмайди. Отаси кирди, томоқ қирди. Энди у ҳам «Қизим...» деб гап бошлайди...

...Кумуш ўлар чоғида қайнотаси кирар эди. Кумуш, аҳволи оғир бўлса ҳам бир қўзғолар эди. У эса қилт этмай ётибди. У Кумушнинг тақдирига йиғлаган эди, унга ким йиғлайди? Шу фикр Зайнабнинг хўрлигини келтирди. Киприклари пирпираб, кўзларида ёш қалқиди. Асадбек буни кўрди. Бирданига унинг ҳам йиғлагиси келди. Ўзини ночор сезди.

«Боланг олдида қаддингни букма! Ҳамиша адл тут. Ҳамиша дадил юр. Боланг сени ерпарчин ҳолда кўрмасин. Дардга таслим бўлганингни сезмасин. Сени ҳамиша кучли деб билсин ва фахрлансин!» — мана шу ақидага қаттиқ риоя қилиб яшаётган Асадбекда қаддини букмоққа мойиллик сезилди. Белдан қувват, оёқдан мадор кетгандай туюлди. Аммо ожизлик ҳисси унга бир дақиқагина ҳукм ўтказди. Бир дақиқадан сўнг у аслига қайтди.
— Қизим...

Зайнаб бошини буриб, отасига қаради. Асадбек бу қарашда «Жамшид акамни нега ўлдирдингиз?» деган саволни ўқиди. Зайнаб бу саволни тилга чиқариб сўраган тақдирида ҳам жавоб ололмас эди. Кўзларда зуҳурланган саволдан қутулиш осон — нигоҳ олиб қочилса кифоя. Асадбек шундай қилди.
— Қизим... ўзингни тут. Ҳаммаси яхши бўлади, — деди. Кейин яна Зайнабга қаради.
— Нима яхши бўлади? Жамшид акамни тирилтириш қўлингиздан келадими? — деб савол берди Зайнабнинг кўзлари.

Жавоб ўрнига яна нигоҳини олиб қочди. Бу ҳолда узоқ туролмаслигини билиб, оҳиста бурилди-да, уйдан чиқди.

Зайнаб отасининг изидан қараб қолди. «Ҳаммаси яхши бўлармиш... Бир одам бекордан-бекорга ўлиб кетди. Энди нимаси яхши бўлади? Ҳа, мен ўлмай қолдим. Буларга шуниси яхши бўлди. Бир оз ўзимга келганимдан кейин эрим олиб кетади. Вужудимизни яна сохта меҳр ниқоби билан чирмаб яшайверамиз. Кейин бола туғилади... «Бола туғилганидан кейин мени ўлдиринг», дейман. «Сизга хиёнат қилдим», дейман. Ёлғон гапираманми? Нима учун ёлғон гапиришим керак? Ўлдирсин, дебми? Ўлдирармикин? Ўлдира олармикин? Мендан ўлим қочди...»

Орадан кўп ўтмай ҳовлида Элчин кўринди.

Бу пайтда Асадбек Кесакполвон билан катта хонада ўтирар эди. Элчинни кўриб, Кесакполвонга «чақир уни» деган маънода қаради. Кесакполвон ҳовлига чиққунича Элчинни Манзура қаршилаб Зайнаб ётган хонага бошлади. Манзура ичкари кирмай остонада қолди. Шунда Кесакполвон «Янга!» деб чақирди. Манзура қараши билан «куёвни бек чақиряпти» деган маънода имлади. У хонага қайтиб кирганида Асадбек ўрнидан туриб олган, қўллари орқасида, бошини сал эгган, қовоғи эса уюлган эди. «Куёвини кўриб, феъли айниди-ку?» деб ўйлади Кесакполвон. Асадбек туриб олгани учун у ҳам жойига бориб ўтирмади. Элчин келмасидан аввал ҳам гаплари қовушмаётган эди. Кесакполвон Асадбекнинг феълини яхши билгани учун «нима бўлди?» деб сўраб ўтирмади. Юпатишга ҳам ҳаракат қилмади. У хўжаси бошига савдо тушганини фаҳмлади. Бундай пайтда унинг ёнида бўлмоғи шарт эканини эслатиш ортиқча. Гап-гапга қовушмаса ҳам, умуман, гапирилмаса ҳам майли, Асадбекнинг ёнидан жилмайди. Асадбек соқов бўлса, у ҳам соқов, юрса юрар, ўтирса ўтирарди. Асадбекнинг жаҳли чиққанида ёки юраги сиқилганида Кесакполвон ўзини билмаганга олади. Хўжайинни гапга солиб, кўнглини юмшатишга ҳаракат қилмайди. Асадбек қадрдон аъёнининг бу қилиғига кўникиб қолган, унинг сояга айланиб юриши ғашини келтирмайди. Ҳозир ҳам кўп йиллар мобайнида шаклланган бу анъана бузилмади.

Элчин кириб келганида улар катта хона ўртасида тик турган ҳолда гаплашишарди. Элчин остона ҳатлаб салом бериши билан Асадбек дарғазаб кўзларини унга қадади-да, устига тик босиб келди. Саломига алик бўлмади. Фақат:
— Жамшидда нима қасдингиз бор эди?! — деди титроқ овозда.
— Жамшидда? — Элчин Зайнабнинг гапларидан ажабланган бўлса, бу айбловдан тамом гангиди. — Нима бўлди ўзи, ҳозир эшитдим.

Гапини тугатишга улгурмасидан Асадбек уни гирибонидан олди.
— Жим юргин, деганмидим? Қасосингни олган эдинг-ку?
— Бек ака, аввал гапимни эшитинг. Ҳозир Фарғонадан келяпман, ахир.
— Ҳайдар, Шилимшиқ қандай ўлдирилганини кўрганмидинг? — деди Асадбек уни қўйиб юбормай. — Айт бунга, кўрганмидинг?
— Кўргандим.
— Жамшидни-чи?
— Кўрдим. Худди ўша дарахтга осиб, ҳалигиси кесиб ташланибди.

Асадбек Элчиннинг гирибонидан қўлини олди-ю, ўша заҳоти жағига мушт туширди. Элчин гандираклаб кетди. Ўзини ўнглашга улгурмай Кесакполвоннинг тепкисини еди. Асадбек ғазаб отига миниб томоша кўрсатмаётган эди. У Жамшиднинг ўлимида чиндан ҳам Элчинни айбли деб топди. Назарида, Элчин дайдиб кетмай уйида ўтирганида, хотинига яхши қараганида бу кўргиликлар йўқ эди...

Кесакполвон эса Асадбекнинг ҳаракатини бошқача тушунди: Асадбек айбни куёвига ағдариб унинг қўл-оёғига кишан уриб олмоқчи. Бирга бўлганларидан бери кимки Асадбекдан мушт еса, Кесакполвоннинг тепкисидан ҳам бебаҳра қолмаган. Бу қилиқ одат даражасидан чиқиб, қонун мартабасига етган эди. Асадбекнинг қаҳридан чўчувчи одам унинг муштидан эмас, кўпроқ Кесакполвоннинг тепкисидан қўрқарди. Ҳозир ҳам шу қонун кучга кирди. Кесакполвон калтафаҳмлик қилиб, тепаётган одами хўжасига куёв эканини ўйламади. Асадбек эса рўпарасидаги одам куёви эканини унутмаган эди. Яна тепишга чоғланган Кесакполвонни нари итарди.
— Буни тепишга ҳаққинг йўқ!

Элчин тисарилиб, деворга суянди. Нафаси қайтди.
— Қадамингни ўйлаб бос, бола, — деди Асадбек, унга ғазаб билан тикилиб. — Энди сал нари-бери юрадиган бўлсанг, Жамшиднинг орқасидан жўнайсан. Энди аяб ўтирмайман!

Элчин букчайган ҳолида ташқарига чиқиб, айвонда бир оз ўтирди. Манзура куёвининг аҳволини кўриб яқинлашмоқчи бўлди-ю, деразадан қараб турган эрига кўзи тушиб, журъат этолмади.

Асадбекнинг берган танбеҳи Кесакполвонга ёқмади.
— Илгари бунақа демас эдинг, — деди гина билан.
— У менинг куёвим. Ҳаққинг йўқ тепишга.
— Шу гапни унинг олдида айтасанми?
— Жириллама, сенга ким қўйибди нозу фироқни.

Кесакполвон ножоиз гина қилганини тушуниб, таранг вазиятни юмшатиш йўлига ўтди.
— Унинг бўйнига илиб яхши қилдинг. Энди ўпкасини босиб олади.
— Ақлинг етмаган ишларга аралашма.

Кесакполвон индамади. Бунақа пайтда Асадбекка Чувриндини рўпара қилиш керак. У хўжасини ғазаб отидан авайлаб тушириб олади. Баъзан Асадбекнинг ўзи бу отдан қандай тушганини билмай ҳам қолади.

________________

2

Қоринга бехос тушган тепкининг зарби ҳар нафас олганида ўз кучини кўрсатади — оғриқ зўрайиб, жони танасини ташлаб қочишга ҳам тайёр бўлиб қолади. Қамоқда эканида, «Ўқилон»нинг амри етиб бормай, зўрлардан бир-икки тепки еган, аммо бунчалик азоб чекмаган эди. Буниси кутилмаганда бўлгани учунми ё зарба бениҳоя кучли эдими, ҳарҳолда букчайтириб қўйди. Оғриқ забтига оларди, у ҳатто «бирон ерим узилиб тушди шекилли, ҳадемай қон қусиб ўлсам-а?» деб ҳам ўйлади. Бу фикр ориятни уйғотди. Орият тан азобидан кучлилик қилиб, айвонда кўп ўтиришга қўймади. Ўрнидан турди. Қаддини кўтаришга ҳаракат қилди. «Ўладиган бўлсам ҳам шу ерда, шуларнинг олдида ўлмай. Азоб чекиб, жон бераётганимни кўришмасин. Ундан кўра кўчада итдай хор бўлиб ўлганим яхши...» Элчин шу фикрда дадил юрмоққа интилди. Ҳатто болохонада ўғринча қараб ўтирган йигитларга қараб, жилмайиб ҳам қўйди. Кўчага чиқиб ўттиз қадамча юргач, орқасига қаради. Ҳеч ким кузатмаётганига ишонч ҳосил қилгач, дарахтга суяниб, тин олди. Сўнг қаддини бир оз эгган ҳолда яна юриб кетди. Эллик қадамлар юргач, оғриқ кучайди, кўнгли айниди. Тўхтади. Деворга суяниб ўтирди. «Бошланяптими? Жон талвасаси шу бўлса керак. Чиқиб кетганим яхши бўлди. Анча юриб қўйдим шекилли?..» У келган йўлига қаради. Шунда Асадбекнинг дарвозасидан бир йигит чиққанини кўрди. Йигит ён-атрофга аланглаб олди-да, машинага ўтирди. «Арининг уяси бузилибди-ку, ким чўп суқибди?» деб ўйлади у. Хаёлидаги бу саволга жавоб топмай туриб рўпарасида машина тўхтади. Ҳайдовчи йигит ўтирган ерида чўзилиб, ён эшикни очди-да: «Акахон, ўтиринг», деди. «Менга раҳм қилдиларми? — деб ғижинди Элчин. — Меҳрибончилигингни онангга қил... ҳе...» У ўрнидан туриб, юра бошлади. Йигит унинг қадам олишига мослаб машинани секин юрғизди. Машина эшигини ёпмади. «Ўтиринг», деб бошқа лутф ҳам қилмади. Элчин бу томоша атрофдагилар учун кулги бўларини англаб, тўхтади. Йигитни сўкмоқчи эди, ўзини тийди. «Бунда нима айб? Унга буюришган. «Олиб бориб қўй», дейишган. Олиб бориб қўяди. «Ўлдириб кел», дейишган бўлса, ўлдириб келади. Бир жиҳатдан шуниси ҳам дуруст — мушкулимни осон қилади». Шу фикрда машинага ўтирди. Йигит «Қаёққа олиб бориб қўяй», деб сўраб ҳам ўтирмади. Ҳатто «Барибир ўтирар экансан, ноз қилишинг нимаси эди», деган маънода қараб ҳам қўймади. «Бу содиқ лайчаларнинг ҳаммаси камгап-а?» деб ўйлади Элчин. У ўриндиққа ястаниб ўтириб, чуқур-чуқур нафас олди. Оғриқ бир оз пасайгандай, тепки зарбидан гўё бир-бирига чирмашиб таранг тортилиб қолган ичаклари бўшашгандай туюлди.

Оғриқ чекиниши билан фикри тиниқлаша бошлади. Хаёлига янги йил кечаси келди. Эшикнинг қия очилиши... Жингалак сочли йигит... Салом-алик йўқ, «сиз фалончимисиз?» дейиш йўқ. «Сизни Бек ака чақиряптилар», деб машинаси томон юрган эди. Элчин ўшанда ҳам ярим соат-бир соатдан сўнг тирик қайтадими ё мурдаси кўчага, қайси бир ахлатхонага олиб чиқиб ташланадими, билмас эди. Ҳозир ҳам билмайди. Йигит йўлдан кўзини узмагани ҳолда лабига сигарет қистириб, тутатди. Димоғига тутун урилиб, Элчиннинг ҳам чеккиси келди.
— Чакишдан ол! — деди буйруқ оҳангида. Бу оҳангдан ўзи ҳам таажжубланди. «Ҳечқиси йўқ, буйруқ қилишга ҳаққинг бор. Сен хўжайиннинг куёвисан», деб таскин берди ички бир овоз. Шу оннинг ўзида бошқа бир овоз қитмирлик билан «ўлимга маҳкум этилган куёвсан», деб қўйди. Элчин паст овозда буюрдими ё шовқинда эшитмадими, ё ўзини эшитмаганга солдими ё «сенинг буйруғинг менга ўтмайди» дедими, ҳарҳолда сигарет узатмади.
— Чакишдан ол! — деб буюрди Элчин баландроқ овозда.

Йигит энди узр маъносида қараб олар, деб кутган эди. Йўқ, қарамади. Индамай сигарет қутисини узатди. Янги йил кечаси ҳам шундай бўлган эди. Элчиннинг «Чаксам майлими?» деган саволига Жамшид йўлдан кўзини узмаган ҳолда совуққина қилиб «Ҳа» деб қўйган эди. «Уни ким ўлдирган экан? — деб ўйлади Элчин. — Ўлдириш ниятим борлигини Асадбек қаёқдан билди? Ё тахмин қилдими?» Элчин Асадбекнинг ниятини англамас эди. Биргина у эмас, бошқалар ҳам кўпинча ғафлатда қолишарди. Агар мақсади барча учун очиқ-ойдин бўлса, унинг Ўқилонлиги қайда қолди? «Нима учун мендан гумон қилади? Менсиз ҳам бир-бирларини ўлдириб юришибди-ку?» Асадбекнинг одамларини яқин йиллар ичи биров чертишга ҳам журъат этолмаётганини билмагани учун ҳам Элчин шу фикрга борди.
— Булар жинни бўлиб қолган... — хаёлига келган гапни беихтиёр овоз чиқариб айтди. Йигит бу гапни эшитиб, қараб қўйгандай бўлди. Элчиннинг яна қитмирлиги тутди.
— Акаларинг жинни бўлиб қолишибди.

Бу гапни айтишга айтди-ю, йигит бехос тарсаки тортиб юборармикин, деб кутди. Йигит ҳатто қараб ҳам қўймади. «Ҳа... ўзим жинниман... Булардан ўчимни олгунимча жинни бўламан, шекилли...»

Машина кўчасига бурилгач, «Демак, ўлдириш ҳақида буйруқ олмабди», деб ўйлади. Яширин қитмир овоз эса «уйингда ўлдириб кетса-чи? Худди Ноилангга ўхшаб...» деди. Машина дарвозаси рўпарасида тўхтади. Йигит «тушинг» ҳам демади, «келдик» ҳам демади. Элчиннинг қитмирлиги тутиб ўтираверди. Кейин: «Бу бола билан пачакилашганимдан нима фойда?» деб ўйлаб, машинадан тушди. У эшикни ёпишга ҳам улгурмай машина худди пойгага шошилгандай шашт билан қўзғолди.

Элчин дарвозага яқинлашиб, калит соладиган ерга қистирилган қоғозни кўрди. «Шумтакаларнинг қилиғи», деб ўйлаб, қоғозни олди. Қоғоз ҳафсала билан найча каби ўралганидан фаҳмладики, бу болалар иши эмас. Қоғозни очиб, чап томонга қийшайтириброқ ёзилган ҳарфларни таниб, жилмайиб қўйди.

«Акобиру отарчи, ал ҳофизу ҳабибул Асадбек!

«Ал муриду ятлубу вал мурду яҳрабу». Яъниким, хоҳловчи қидиради, мурод эса қочади, деганларидек, камина пойи қадамингиз етган туфроқни кўзга суртгали келиб, муборак остонангизни кўз ёшларим билан суғоргумдир, токи бул туфроқда меҳр чечаклари унғай.

Б а й т:

Кўпайишиб қолганмиш тўйларингиз,

Пулга тўлиб қолгандир чўнтагингиз.

Бегингиздан изн теккан маҳалларда,

Биз ҳам кўриб қолайлик бўйларингиз.

Адойи Анварингиз».

Бу сатрларни ўқигач, унинг чеҳраси очилди. «Кайфияти яхши экан, шоирнинг», деб қўйди. Дўстини кўргиси келди. Шундай туйғу унда қамоқдан қутулиб қайтган куни уйғонган, дўстининг жиннихонада эканини билгач эса, юрак-бағри эзилиб кетган эди. Унда кўргиси келган, аммо бориб кўриш имкони йўқ эди. Ҳозир ҳам кўргиси келяпти, имконияти ҳам бор. Аммо боришни истамади. «Яна ихраб-сихраб ўтирмай, кечроқ борарман», деган қарорга келиб, уйига кирди-да, диванга чўзилди.

Эртакларда маконига учиб келган дев ёки аждаҳо «Уф-ф... одам иси келяпти!» деб чақирилмаган меҳмонни излашга тушади. Агар одам боласида ҳам шундай ис билиш қобилияти бўлганида Элчин бундан бир неча кун илгари бу хонага Жамшиднинг кириб чиққанини сезарди. Мана шу остонани ҳатлаб ўтиши ажал эшигини қоқиш билан баробар бўлганини биларди. Зайнабнинг кўз ёшлари тўкканини англарди. Балки Жамшиднинг «Сен учун мен ўч оламан... Қасам ичаман... Агар сени ҳимоя қиладиган эркак зоти қирилиб битса, ўзинг ўч оласан...» дегани ҳам қандайдир сеҳрли йўллар билан аён этилармиди...

Шу дивандан уч қадамгина нарида Жамшид турган эди. Қасам ичганидан кейин Зайнаб унинг бўйнидан қучиб, ўпиб қўйган эди... Алҳол эртак бошқа, ҳаёт бошқа. Инсон сезгилари эса чегараланган.

Элчин диванга чўзилиб, битта ёстиқни қорнига босди. Шу фойда қилдими, ҳар нечук оғриқ нари чекинди. Бадани ором ола бошлагач, фикрлари янада тиниқлаша борди. Ҳали машинада эканида уйғонган ўйлари яна хаёлини банд эта бошлади. «Жамшид... Жамшид... қандай ҳаромхўр эди у, — деб ўйлади. Гарчи марҳумлар ҳақида ёмон гап айтиш дуруст эмаслигини билса-да, уни яхши сўз билан эслашни лозим топмади. — Ҳаромхўр эди у, ҳа, ифлос эди, аблаҳ эди. Қайси аблаҳ ўлдирди уни, қайси аблаҳ мени лаззатдан маҳрум қилди? Мен унинг қонини ичгим бор эди. Шунда қасос чанқоғи оз бўлса-да, босиларди. Энди-чи? Энди навбат Асадбекками? Ҳа!» У ҳозироқ бориб Асадбекни ўлдирмоққа қасд этгандай қаддини кўтарди. Бироқ ўрнидан турмади. Ёстиқни қучоқлаганича ўтираверди. Хаёли эса уни шошириб қўйди. «Шилимшиқнинг гапи тўғрими? Жамшид ҳам кирганмиди бу уйга? Зайнабнинг гапи-чи? Наҳот? Келиб-келиб шу исқиртни яхши кўрадими? Ўшани деб ўзини осадими? Отасини ўлдирсам-чи? Отасини ўлдирганимда ўзини осармиди? Йў-ўқ... Ҳали шу пайтгача ҳеч ким отасининг ўлимидан куйиб ўзини осмаган. У эса ўша ҳайвоннинг изидан бормоқчи бўлибди!...» Элчин жаҳл билан ёстиқни четга улоқтирди-да, ўрнидан туриб кетди. Дераза олдига бориб ҳовлига қаради. Сада бўлиб қолай деган райҳонлар сўлибди. Сувсизлик азобига, қуёшнинг ўтли тиғига бардош бера олмабди. Кираётганида буни сезмаган эди. Нечукдир у ҳозир ўзини шу садарайҳондай ҳис этди. Унинг кўнгли, наинки кўнгли, руҳи ҳам сўлиган. Райҳонга-ку сув қуйилса дарров жон кирар. Сўлиган руҳга, кўнгилга даво борми? Илгари қонининг ҳар томчисида муҳаббат бор эди. Бу томчилар Ноиланинг ўлимидан сўнг чак-чак томиб адо бўлди. Унинг ўрнини эса адоватнинг заҳарли томчилари эгаллади. Шилимшиқнинг гапидан сўнг бу томчилар томирларда кўпира кетган эди. Бугун эса янада қизиди, янада қудрат касб этди.

Жамшиднинг ўлими... Зайнабнинг ўзини осиши... Асадбекнинг қаҳри... Элчин бу уч воқеани боғлаб турувчи кўринмас занжир мавжудлигини ҳис этиб турар, аммо ҳар қанча ўйламасин, фикри ҳақиқат олдида ожиз қолар эди. «Жамшидни қизи билан айб устида ушлаб, ўлдиртириб юборди», деган гумон нечундир шу тобда хаёлига келмасди.

«Зайнаб рост айтдими? — деб ўйлади у. — Бу гап ёлғон бўлса ҳам, жаҳл устида айтилган бўлса ҳам барибир — дилни яралади. Бу дил ярасига эса чора йўқ. Бир-икки кундан кейин у яна шу уйга келадими? Шу уйга ҳаром қадамини босадими? Аслида шу уйнинг хосияти қолмабди. Қамоқдан келишим билан сотиб юборсам бўлар экан...»

Одам боласи бошига кулфат тушгудай бўлса, хаёлга берилиб «бу кулфат булутини ким юборди-ю, ким ташвиш ёмғирини ёғдирди», деб ўйлай бошлайди. У ҳеч қачон «мен шу феълим ёинки ҳаракатим туфайли кулфат булутини ўзим чақирдим», демайди. Мана ҳозир Элчин ҳам уйда хосият йўқ, деган қарорга келиб турибди. Билмайдики, уйдан хосиятни ўзи қувиб чиқарди. Унга «Зайнабни айблама, у бокира эди, гуноҳкор сенсан, туғилажак бола валади зинодир ва унинг гуноҳи ҳам сенинг бўйнингда» дейилса, айбни зинҳор бўйнига олмас, «Мен Ноилам учун қасос олдим», дер. У ғофил банда билмаски, ал қасосул минал Ҳақ — қасос ёлғиз Ҳақдандир, банданинг қасос олмоққа ҳуқуқи йўқдир. Машойихлардан бири «Дунё шайтоннинг дўконидир, ундан бирон нима ўғирламаки, шайтон уни қайтариб олишга келиб, додингни бермасин», деган экан. Бу не бахти қаролиқки, Элчин шайтон-нинг дўконидан кўп нарса олиб қўйди. Энди ҳар бир ўғирлиги учун додини ер. Энди арзини кимга айтади? Унинг арзини ким эшитар экан?

3

Манзура эшикдан узоқлашмагани учун қизининг гапларини эшитди. Эшитди-ю, «вой шўргинам қурси-ин...» деб лабини тишлади. Юраги узилиб тушгандай бўлди. «Вой қизим-а, айтмасанг бўларди», деб қизига хаёлан танбеҳ берди. Элчин катта хонадан букчайиб чиқиб, айвонда ўтириб қолгач, юрагида бир нима узилгандай бўлди. Баданига муз югурди. Куёвига қарамоқчи эди, эрининг қаҳрли нигоҳи йўлдан қайтарди. Шу нигоҳ бўлмаганида Зайнаб-нинг гаплари ёлғон эканига куёвини ишонтирармиди... Иснод... Иснод... Энди қандай ҳаёт кечиради? Кўпни кўрган бу одам иснодга кўникиб кетармикин? Худо қизидан омонатини олмади. Лекин уни тирик мурдага айлантириб қўймадимикин?

Шу хаёл билан уйга кирди. Қизига мўлтиллаб қараб турди-да, нима мақсадда кирганини эслай олмай, изига қайтмоқчи бўлди. Остона ҳатлашга улгурмай, Зайнабнинг овозини эшитиб, тўхтади:
— Ойи, ҳадеб кириб-чиқаверманг. Қўрқманг, энди ўзимни ўлдирмайман. Бола... — у нима учундир «болам» дея олмади, — бола... яшаши керак экан. У туғилгунича...
— Вой, болам, — деб унинг гапини бўлди Манзура. — Худо хоҳласа...

Зайнаб уни гапиртирмади.
— Ундан кейин нима бўлади — Худо билади. Нима бўлишини ўзим ҳам билмайман, сиз ҳам билмайсиз, ҳатто адам ҳам билмайдилар.
— Вой болам-эй... Қўй, бу ўйларингни.
— Куёвингиз кетдими?
— Ҳа. Қизим... ҳалиги гапни бекор айтдинг.
— Бекор айтмадим, билиб айтдим.
— Ундай дема, болам, наҳотки сен...
— Йўқ, ойи, гапим ёлғон эди. Мен унақа эмасман. Аммо у шундай деб ўйласин. Ўйлаб эзилсин, сиқилиб сил бўлсин, сил бўлиб...
— Қўй, қизим, бировга ёмонлик тилама. Гуноҳи бўлса Худонинг ўзи жазолайди.
— Худо жазолагунича...

Зайнаб гапининг давомини ичига ютди. Онасининг мўлтиллаб турган кўзларини кўриб, ноўрин, фойдасиз гапларни айта бошлаганини фаҳмлади. Онасига ачинди. Ўзини осаётганида онасини ўйламаган эди. «Онам бечора бу кулфатга чидай олмай юрак-бағри куйиб адо бўлади», демаган эди. Ҳуши ўзига келганидан кейин ҳам онасининг тақдирини ўйламаганди. «Худо уни жазолагунича мен ўлиб бўламан», дейишга оғиз жуфтлагандагина онасининг ғарибона кўриниши уни сергак тортишга мажбур этди.

Манзура қизининг нима демоқчи эканини англади. Бирдан йиғлагиси келди. Қизи ўзини осганидан бери аҳвол шу. Йиғи босиб келади, кимнингдир елкасига бош қўйиб ҳўнграб-ҳўнграб йиғлашни истайди. Ҳасрат қилмоқни, дардини айтмоқни хоҳлайди. Аммо йиғлолмайди, йиғини куч билан қайтаради. Хўрсиниб қўяди. Бироқ, бу хўрсиниш дардини енгиллатишга ожиз. Бу муштипар биладики, қувончни баҳам кўриш учун шерик ахтариш шарт эмас. Бировнинг қувончидан баҳраманд бўлиш ишқибозлари етарлидир. Қайғуга эса ҳеч ким шерик бўлишни истамайди. Ҳамманинг ўз ташвиши бор. Бировникини бошига урадими?!

Ҳозир Манзура ҳамдарди бўлмагани учун хўрсинмади. Йиғлашга мажбур этаётган куч ҳам бошқа. Манзура эри билан гаплашганида Худони тилга олишга қўрқади. Сабабки, Асадбек ўз аъёнларига қандай қўрс муомала қилса, Худо тилга олинганида шундай беписанд бўларди. Худодан қўрқиш, деган тушунча унга ёт эди. Эри масжид қурдира бошлаганида у бирам қувонди, бирам қувонди. «Эримга инсофу тавфиқ берганинг рост бўлсин», деб Яратганга шукрлар қилди. Бироқ Асадбек феълининг ўзгаришсиз қолаётганидан ажабланди. Бир куни Асадбек нимадир деганида Манзура «Худо хоҳласа, адаси», деди. Асадбекнинг кайфияти чатоқ эди, бу жавобдан жаҳли чиқиб: «Ҳуда-беҳудага Худони ўртага солаверма. Худонинг сендан бошқа ташвиши йўқми?» деб жеркиди. Манзура қўрқибгина: «Унақа деманг, адаси, Худодан қўрқинг», деб яна балога қолди. «Худодан қўрқиб бўлганман. Худо менга аталган ёмонликни бериб бўлган. Мен ёмон эканманми, бунга Худонинг ўзи айбдор. Мен ҳам одамларга ўхшаб ота-онамнинг бағрида яшаганимда бунақа бўлмасдим. Меҳрга зор ҳолда ўстириб, энди мендан меҳр талаб қиладими?» Асадбек ўшанда яна аллақанча гапларни айтиб юборди. Манзура ўша тун ухламай, билганича тавба қилди. Эрини кечиришини сўраб Яратганга ёлборди. У ибодат қилишни билмас эди. Унинг болалик хотирасига муҳрланган ўгитлардан бири шуки, Худодан қўрқмоқ керак. Ҳамиша тавбада бўлмоқ зарур.

Эри-ку, эри, Худони тилга олса болалари ҳам беписандлик билан тинглашади. Баъзан эса оталари каби терс жавоб қайтаришади. Ҳозир ҳам шундай бўлди. Худодан инсоф тилади. Йиғини босди. Қизига бир оз тикилиб турди-да, ташқарига чиқди. Ишининг унуми ҳам, тайини ҳам йўқ эди. Бир неча дақиқа ҳовлида, ошхонада ивирсиб юрди-да, қизининг танбеҳини унутиб, яна уйга кирди.

Зайнаб бу сафар онасига индамади. Онасига ачинган ондан унда пушаймонлик туйғуси ҳам уйғона бошлаган эди. Аввал айтган гапидан пушаймон бўлди. Сўнгроқ эса ўзини осганидан афсусланди. Онаси бир неча нафасга кечикканидами, у ҳозир лаҳадда ётган бўлармиди... Шу гап хаёлига келиши билан баданига муз югурди. Қайси бир китобда ўқиб эди: одам ўзининг лаҳадда ётишини ўйласа, қўрқувдан тилигача терлаб кетаркан. Зайнаб ҳозир шу ҳолга тушди. Ўзини осаётган маҳалида қўрқмаган эди. Нечун энди қўрқяпти? У-ку, қоронғи гўрида ётарди. Онаси-чи? Бу ёруғ дунё унинг учун зулматга, бу ҳовли эса дўзах қозонига айланмасмиди? Зайнабнинг руҳи бу хонадонга учиб келганида онасининг аҳволини кўриб, зор-зор қақшамасми эди? Шуларни ўйлаб, кўзига ёш келди. Янги йил арафасида ўғирлашганида, зўрлашганида ҳам жонига қасд қилмоқни мўлжаллаган эди. Орзулари поймол этилгач, бу дунёда яшамоқдан маъно кўрмай қолганди. Неча кун ўзимни оссамми, заҳар ичсамми, ёқсамми... деган хаёлларга банди бўлиб юрди. Энди бир тўхтамга келганида кўз олдида сочларини юлиб йиғлаётган онаси гавдаланиб уни бу йўлдан қайтарарди. Кечаги кун нечукдир шундай бўлмади...

Кечқурун ярим коса маставани онасининг қистови билан ичгач, баданига иссиқлик югурди. Она-бола бир оз гаплашиб ўтиришди. Кейин Манзура дераза томонга ўрин солди.
— Ойи, жойингизга чиқиб ётаверинг, мендан хавотир олманг, — деди Зайнаб.

Манзура унга жавоб бермади. Чироқни ўчирмади. Устидаги кўйлакни ҳам ечмай, ўрнига омонат чўзилди. Қизи гўдаклик чоғида, уни ухлатиб, сўнг юмушларини бажариш учун шундай ётарди. Зайнаб онасининг секин чиқиб кетаётганини баъзан сезарди, аммо уйқу кучлилик қилиб ўрнидан жилмасди...

Манзура ярим тунда қизининг ғалати овозидан чўчиб уйғонди. Зайнаб безгак тутгандай титраб, хирилларди. Манзура шошиб туриб унинг пешонасига кафтини қўйди. Кафтига теккан муздек тердан сесканди.
— Жон қизим, нима бўлди?
— Билмайман... ҳаммаёғим оғрияпти. Белим...

Манзура қизининг қўл-оёқларини уқалаган бўлди. Устига яна бир кўрпа ташлади. Сўнг чиқиб, Асадбекни уйғотди.
— Дўхтир чақирмасангиз бўлмайди. Хотин дўхтир чақиринг.

Асадбек ҳовлига чиқиши билан болохонадаги йигит деразадан қаради. Асадбек қўли билан имлагач, бир неча сонияда қаршисида пайдо бўлди.
— Дўхтир топиб кел. Хотин дўхтир бўлсин. Маҳмуд акангни топ.

Шундай деди-ю, бурилиб, қизи ётган хона томон юрди.

Зайнаб белида оғриқни кундузи сезган эди. Лекин оғриқ босилиб қолар, деб ўйлаб, онасига айтмади. Кечқурун онаси ётгач, у ҳам ухлагандай бўлди. Кўзи уйқуда, айни чоқда, шитир этган товушни эшитадиган даражада сергак эди. Озгина муддатли уйқусида туш ҳам кўрди: бир ўрмонда адашиб юрганмиш. Бир маҳал итми ё бўрими, ажрата олмади, рўпарасида пайдо бўлибди. Нимадир еяётган эмиш. Яқинроқ бориб қараса... чақалоқ эмиш... Шунда қўрқиб уйғонди. Шунда оғриқ ҳам кучайди. Вужудини титроқ ихти-ёрига берди.

III боб

1

Зелихон ҳушига келиб, ўзини Йигиталининг айвонида кўрди. Уни бир қават кўрпача устига ётқизишган, бошига ёстиқ қўйиш ҳеч кимнинг эсига келмаган эди. Бу кутилмаган офат барчанинг эсини тескари қилиб ташлаганди. Исмоилбей айвон панжарасига суяниб, нималардир деб пичирларди. Аҳадбей Зелихоннинг яқинида ўтирарди. Унинг хотини, болалари ичкарида, қўрқувдан дир-дир титрашарди. Қўрқув шу даражада қудрат касб этган эдики, бундай пайтда йиғлаш мумкин эканини ҳам киши ёдидан суриб чиқарди. Атрофни гўё туман қоплаган — ҳаммаёқ қоп-қора ачимсиқ тутун бағрида эди. Нафас олиш оғирлашган, каттаю кичик кўзлари ёшланиб, дам-бадам йўталиб қўяр, шу йўталгина уларда жон мавжуд эканидан далолат берар эди.

Зелихон қаддини кўтарди. Аҳадбей «тузукмисан?» деган маънода қараб қўйди. Унинг гапирмоққа ҳоли йўқ эди. Зелихон ўрнидан турмоқчи бўлди — боши айланиб айвон устунини ушлади-да, жойига ўтирди. Рўпарадаги уй, Исмоилбейнинг омонат Ватани ёнар эди. Дастлаб шу ер берилиб, бир бостирма солиб кўчиб кирганида «Шу уй бизнинг омонат Ватанимиз, Худо ҳоҳласа, катталарга инсоф берса, Месхетиямизга кетамиз» деган эди. Аҳадбейнинг икки синглиси шу бостирмада туғилди, шу бостирмада жон берди. Сўнг онаси... Йиллар ўтаверди. Омонат бостирма ёнига кенгроқ хоналар қурилди. Келин тушди... Исмоилбей ҳам, унинг тенгқурлари ҳам Месхетияга йўл йўқ эканига ишона бошлашган эди. Демократия деган гап чиқдию яна умид чироғи ёнгандай бўлди. (Ана шу умид чироғининг охир-оқибат уйларга ўт қўяжагини ким ўйлабди?) Юрагида ўти борлар Москвага қатнай бошлашди. Кўпчилик Ватанига қайтажагига ишонарди. Улар эртакдаги адолатга ишонувчи гўдак ҳолига тушгандилар. Исмоилбейга эса буларнинг бари хатарли ўйиндай бўлиб туюларди. У давлат юритиш синоатидан бехабар, лекин Месхетиядан қувғин бўлишлари узоқни кўзлаб қилинган сиёсат эканини сезиб турарди.

Уруш тугаганидан бери қанча раҳбар келиб-кетди. Юрғизган сиёсатларининг оёғи осмондан бўлди, лекин ватангадолар тақдирини биронтаси ўйламади. Оқибат эса мана бу: Ватанидан ажралган бечораларнинг омонат Ватани ҳам ёняпти! Бор мол-мулкларига қўшилиб умидлари ҳам ёняпти. Кечагина бу хонадонда тўй гулхани ёқилмоғи лозим эди, бугун ажал алангаси яйраб қулоч отади. Бир сидра кийим билан қолган бу одамлар жонлари ҳозирча ўзлариникими ё бу омонатни ҳам эгасига ҳадемай топширадиларми, билишмайди.

Зелихоннинг қулоғига оломоннинг шовқини кирмади. У аввалига карахтман, деб ўйлади. Бошини силкиди, бармоғи билан қулоғини уқалади. Кейин айвон зинасида тик турган Йигиталига қараб:
— Одамлар жимиб қолдими? — деб сўради.
— Қайси одамларни айтасиз? Ҳалигиларми? Улар одаммиди? — деди Йигитали ёнаётган уйлардан кўз узмай. — Бунақасини кўрмаганман. Селдай келиб, селдай кетишди.
— Қаёққа кетишди?
— Билмадим. Тушунмадим, биродар, мен ҳеч нарсага тушунмадим, — Йигитали шундай деб ўгирилди. Зелихон унинг юзи шилиниб, қонталаш бўлиб қолганини кўрди.

Бу кўчага фақат ёнғин ҳукмрон эмас экан, фиғоннинг ҳам ҳаққи бор экан. Оломон бу кўчадан нари кетгач, жон талвасасида ўтирганлар нимага гирифтор бўлганларини англаб, кўраётганлари туш эмаслигига ишондилар. Ана шунда бир-бирларини қидириш, йўқлаш бошланди. Ана шунда дастлабки нола эшитилди. Нолага нола уланиб, бирпасда атрофни қий-чув босди. Бир неча дақиқа илгари ёвузлик нафаси келиб турган шовқин ўрнини яраланган қалбларнинг ноласи тутди. Исмоилбейга ўхшаганлар Оллоҳга муножот этиб «Гуноҳимиз не эди, бизга бу офатни раво кўрдинг? Энди раҳм қил. Парвардигорим, ўз паноҳингда асра, шайтон васвасасига тушганларга инсоф бер», деб ёлборса, бошқалар оғизларига қандай гап, қандай қарғиш келса, қайтармай бақириб, фарёд уришарди. Кулфат миллат танламайди, одамларни ажратиб ўтирмайди. Устига шолча ёки тўн ёпиб, ёки сув сепиб ўчирилган мурдалар атрофида турк ҳам, ўзбек ҳам, татар ҳам баравар йиғларди.

Зелихоннинг диққатини ҳовлидаги одам тортди. Бошқаларга нисбатан кўркамроқ солинган бу уй эгаси кранга резина ичак улаб, ўтни ўчирмоқчи бўларди. Сув ташна саҳро бағрига синггандай йўқ бўлади, аланга деразалардан олов тилларини чиқариб уни калака қилади. «Мол аччиғи ҳам ёмон», деб ўйлади Зелихон, сўнг хаёлига «Ичкарида бола бўлса-чи?» деган фикр урилиб, ҳовлига отилди.
— Одам борми? — деб сўради уй эгасидан. Уй эгаси унинг саволига тушунмади. Зелихон гапини қайтаргач, бош ирғаб «йў-ўқ» деди. Зелихон уни бўралаб сўкди-да, изига қайтди.
— Орқадошлар! Ҳақиқат борми бу дунёда?! Юринглар, обкомга борамиз! Арз қиламиз!

Зелихон кўчанинг ўртасида туриб олиб арзга даъват этаётган одамни танимади. Исмоилбей унга қараб бош чайқаб «нодон» деб қўйди. Даъватчи яна тўпланишга чорлади. Унинг гаплари таъсир қилиб, ночор одамлар тўплана бошлашди.
— У ҳам Московга борган эди, — деб изоҳ берди Аҳадбей.

Зелихон бир дўстига, бир унинг отасига, бир хотини, болаларига қарайди. Хотини билан болалари ёнаётган уйларига мўлтиллаб қараб туришибди. Исмоилбей кўчага чиққач, уйига бир қараганича бошқа қарамади. Аҳадбей дам-бадам ўгирилиб қарайди. Ҳар- ҳолда суюнчли, қайғули кунлари кечган уй, омонат бўлса ҳам Ватани эди.

Офатдан қутулиш йўлини билмай турганларга даъватчининг гаплари таъсир қилиб, ҳамма арзга бормоққа шайланди.
— Онангни қози урса, додингни кимга айтасан? — деди Зелихон.
— Бу нима деганинг? — ажабланди Аҳадбей.
— Бу офат қайси ғордан чиққанига ҳали ҳам тушунмадингми?
— Федяни айтасанми?
— Федя нима? Федя исқирт бир томчи. Қолганини кейин тушуниб оласан.
— Қаёққа борайлик бўлмаса, билсанг ўзинг айт.
— Мен ўғриман, донишманд эмасман. Мендан қочганлар милисага боришларини биламан. Иблисдан қочиб қайга бориш кераклигини билмайман.
— Иблисдан қочиб Оллоҳнинг паноҳига борилади, — деди Исмоилбей уларнинг баҳсига якун ясаб.
— Орқадошлар! Мурдаларни олингиз! Кўришсин раҳбарлар! — деб қичқирди даъватчи.

Шу онда кўчанинг муюлишида пайдо бўлган йигит барчанинг эътиборини тортди. Оғзи-бурни қон, уст-боши йиртилган бу йигитга қараган одам унинг офат чангалидан бир мўъжиза туфайли омон қолганини фаҳмларди.
— Зуҳур-ку? — деди Аҳадбей, — машҳур боксчи йигитимиз...

Йигит узоқ йўлни югуриб босгани учунми, ҳансирарди. Оломонга яқинлашиб, бир қўлини кўтарди, сўнг тиззалаб қолди.
— Бўлинглар! — деди у. — Бўлинглар! Қочинглар! Оломон босиб келяпти!
— Қанақа оломон? — деб сўради даъватчи.
— Билмайман... Шаҳарда, ҳаммаёқда миш-миш. «Турклар ўзбекларни ўлдираётганмиш, турклар автомат билан қуролланганмиш... Турклар боғча болаларини оловда ёқишибди...» Ўзбеклар ишонишяпти шу гапларга. Ёшлар қасосга чорлаяпти...
— Астағфируллоҳ! — деб юборди Исмоилбей.
— Беркиниш керак, — деди Зелихон Йигиталига қараб.
— Уйга кирайлик, — деди Йигитали.
— Йўқ, — деди Аҳадбей. — Қасосга чорлашаётган бўлишса, ёмон. Қочиш керак.
— Қочиш?..

Қочиш кераклигини ҳамма биларди. Лекин «қаёққа?» деган саволга ҳеч ким тайинли жавоб бера олмасди. Бу саволга биринчи бўлиб жавобни даъватчи топди:
— Обкомга! — деб чинқирди у. — У ерга ҳеч ким яқинлаша олмайди!

Бу орада йигитлар иккита тобут кўтариб келишди. Мурдаларни солиб шаҳар сари жадал юриб кетдилар. Қуёшнинг қиздираётгани, ҳозиргина оташ бағридан чиқиб келганларига қарамай тез юрдилар.

Обком биносини ўраб турган милитсионерлар уларни тўхтатишга журъат этолмадилар. Ичкаридан чиққан раҳбарлардан бири зинадан югуриб тушди-да, олдинда тобут кўтариб келаётганларни тўхтатди:
— Тўхтанглар, ўртоқлар, тинчланинглар!
— Қандай тинчланиш мумкин? — деди даъватчи олдинга чиқиб. — Уйларни ёқишди, одамларни ёқишди. Ким булар, нимага индамайсиз?
— Биламиз, вазият кескин. Сизлар бу ердан тез кетинглар. Ўзбеклардан бир йигит ўлдирилган. Маълумотга қараганда, унинг мурдасини кўтариб шу томонга келишяпти. Туркларни айблайдиган миш-мишлар тарқалган.
— Қаёққа кетайлик?
— Ҳозир автобуслар келади. Сизларни бехавотир жойга олиб борамиз. Фақат ваҳимага берилманглар. Жиноятчилар албатта жазоланади!

Чиндан ҳам кўча оғзида ўнга яқин автобус кўринди. Оломон автобусларга чиқиб улгурмасидан кўчанинг нариги бошида тобут кўтарган бошқа оломон кўринди.
— Бўлди, бўлди, юринглар! — деб буюрди раҳбарлардан бири.
— Мурдаларни нима қиламиз? — деди даъватчи.
— Кетаверинглар, ўзимиз кўмамиз!

Автобуслар худди пойгадагидай шошилиб қўзғолишди. Мурдаларнинг эгалари фарёд урдилар. Тўхташнинг иложи йўқ эди. Озгина фурсат бой берилса, яна бир қирғин бошланиб кетмоғи мумкин эди.

Автобус шаҳардан чиқар маҳалда Зелихон Йигиталига қараб, ажабланди. Шунча пайтдан бери унинг бирга эканига аҳамият бермаган экан.
— Сиз нима қилиб юрибсиз? — деб сўради Зелихон ундан.
— Сизлар нима бўлсангиз, бизлар ҳам шу-да, — деди Йигитали.

Исмоилбей ҳам унга ажабланиб қаради. Афтидан, ўз ғамига банди бўлиб у ҳам Йигиталининг бирга юрганига эътибор бермаган эди.
— Иним, сиз бола-чақангизнинг ёнига боринг. Яна сизни йўқотиб ҳайрон бўлиб юришмасин. Раҳмат сизга. Эсон-омон кўришмоқни Оллоҳ насиб этсин.
— Ие, домлажон... — Йигитали эътироз билдирмоқчи эди, Исмоилбей унинг гапини узди:
— Биз сиздан розимиз, сиз ҳам рози бўлинг. Бу ғалвалар ўтар-кетар, иншооллоҳ, фарзандларимиз омон бўлишсин. Йигитали, иним, сиз бошқалар учун хижолат бўлманг. Мусулмон мусулмонга қўл кўтарар экан, билингки, орада шайтон бор. Шайтон борлигини унутдик, шайтон ҳукмига бўйсуниб қолдик. Бу ҳам қиёматнинг бир белгиси. Қалбимизни дунё ҳаваслари билан банд этмасак эдик... — Исмоилбей яна одати бўйича пичирлади. — Ад-дунёя мазраъутул-охира...[3]

Зелихон ҳайдовчига яқинлашди.
— Биродар, қаёққа кетяпмиз?
— Билмайман. Айтишмади. Олдиндаги мошин қаёққа юрса, биз ҳам ашаққа юроврамиз. Аққа-баққа қарамасдан юришасанлар, деб буюришган.
— Бирпасга тўхтанг, ўзбак ошнамиз адашиб чиқиб қолибди.
— Мумкин эмас, колонна тўхтайди. Кетовурсинлар, қайтишимда ҳамроҳ бўлаллар.

Зелихон жойига қайтиб, ҳайдовчининг гапини айтгач, ҳаммалари яна жимиб қолишди. Ортиқча гапга ҳеч кимда тоқат йўқ эди. Ҳамма автобус деразаси оша ташқарига эътиборсиз боқиб, ҳар бири ўз хаёлига банди бўлиб борарди.

Шаҳар ҳам, қишлоқ уйлари ҳам ортда қолди. Асфалт йўл тугаб, адирнинг нотекис йўли бошланди. Автобуслар чайқала-чайқала, йўлдаги тупроқни тўзитиб боришади. Шаҳарда тутундан бўғилаёзган одамлар тўзон туфайли ҳолдан тойган бир пайтда автобуслар тўхтади. Атрофда на бир уй, на бир дарахт кўринади. Адирнинг уфққа туташ қисмида самолётларнинг қораси кўзга ташланади. Ўша томондан бўғиқ гулдурак овози келади.

Автобуслардан тушган одамлар бир-бирларига ҳайрон боқишади. «Қаерга келдик?» Барчамиз мана шу ўт-ўланлардай қовжираймизми шу ерда, барчанинг хаёлида шу савол. Олдиндаги машинадан тушган вакил баланд овозда гапириб, одамларга тасалли бермоқчи бўлади:
— Озгина чиданглар, ўртоқлар. Ҳозир нон-сув, озиқ-овқат, чодирлар олиб келишади. У ёқда оломон тинчлангунича шу ерда кутамиз.
— Шундай деб авраб жўнаб қоласизлар, биз қовжираб ўтираверамиз.
— Жўнамаймиз. Биз сизлар билан шу ерда қоламиз. Фожиа биз учун ҳам тасодифан бўлди, қурбонлар сони кўпаймаслиги учун шундай қилишга мажбурмиз.
— Ўзбекларга нима ёмонлик қилувдик? — деди кимдир.
— Бунақа гапларни қўйиб туринг, илтимос. Олдин тинчиб олайлик, жиноятчилар билан кейин гаплашамиз.

«Гаплашиб бўпсан!» деди Зелихон ўзича. Сўнг вакилнинг гапларидан энсаси қотиб, нари кетди.

Кунни офтоб тиғида, очлик, ташналик азобида ўтқазишди. Ваъда этилган нарсалар ўрнига яна автобусларда одамлар келишди. Фақат қуёш бота бошлаган онда юк машиналари кўринди. Одамлар ҳеч нарсага қарамай сувли машина атрофини ўраб олишди. Бошқа пайтда кўнгилни айнитиши мумкин бўлган илиқ сув жонга роҳат ато этди. Шундан сўнггина очлик эсга тушди. Шундан сўнггина тунни қай аҳволда ўтказиш ташвиши уйғонди. Шундан сўнггина таҳлика билан ўтган кундаги фожиалар кўз олдиларида қайта қад ростлади. Кечагина кимсасиз бўлган бу адирга яна одамлар келди. Одамлар бу ерга қўлга илинган нарсалари билан келишарди. Ким тўн, ким кўйлак, ким чойшаб... олишга улгурган. Кимдир боласини йўргаклашга ҳам улгурмаган. Тўплаган мол-мулклари уйларида қолди. Бу ердагиларнинг ягона мулки — ташвиш, алам, таҳлика... Бу мулкдан барчага мўл берилган.

Зелихон ботаётган қуёшга қараб ўтириб, ўйга толди. Аёлларнинг нолалари, болаларнинг чинқираб йиғлаши уни унутиб бўлмас хотираларини қитиқлаб уйғотди. Тун... икки тугунни орқалаб йўл юриш... бобоси, онаси... Сўнг поезддаги йўл машаққати... Аёлларнинг нолалари, гўдакларнинг биғиллаб йиғлаши, қорни оч болаларнинг инграшлари... қарияларнинг яратганга муножотлари... Қандайдир ўхшашлик бор. Фарқ шундаки, қишлоқларга ўт қўйишмади. Бир кечада, ҳеч кутилмаганда, важ-корсон кўрсатиб ўтирмай кўчиришди. Бунисига ҳам важ-корсон кўрсатилмади. Тунда эмас, куппа-кундузи ёқишди... ўлдиришди... Энг ашаддий жиноятчилар ҳам бунчалик очиқ ишлашга журъат этишолмас эди. Федя... улар қандай журъат этишди? Нима учун ҳеч кимдан қўрқишмади? Уларни ким ёллаган ўзи? Зелихон дастлаб бу иш тепасида Асадбек ёки Ҳосилбойваччага ўхшаганлар турибди, деб фикр қилган эди. Бугунги даҳшатни кўриб, фикридан қайтди. «Йўқ, улар бундай кенг миқёсда ишлай олишмайди», деган хулосага келди. Бугунги ишбоши лозим бўлса юзта, балки мингта, балки ундан ҳам кўпроқ Асадбекларни ўлик сичқондай ўйнатиб, сўнг бир чеккага тахлаб қўйиши мумкин. Зелихоннинг ўткир зеҳни буни фаҳм этиб турибди. У фақат бир нарсага тушунмайди: нима учун қирғинга айнан турклар танланди?

Исмоилбей аста юриб келиб Зелихоннинг ўнг томонидаги дўнгликка Йигитали ташлаб кетган чорсини ёйди. Таяммум қилди-да, шом намозига азон чақирди. Азон чақириғини эшитганлар орасида намоз ўқиғувчилар йўқ эди. Исмоилбей такбир тушириб, ёлғиз ўзи ўқий бошлади. Зелихон унга қараб туриб яна бобосини эслади. Кўнглида ўзи ҳам тушунмаган ғалати бир туйғу уйғониб, энтикди. Ўрнидан туриб, Исмоилбей ёнида намоз ўқигиси келди. Ўрнидан турди ҳам, чолга яқинлашди ҳам... Аммо намоз ўқишни билмасди. Ҳатто намоз ўқиётган мўъмин бандага иқтидо қилиб турмоқни ҳам билмас эди. Шу боис Исмоилбейдан бир қадам орқароқда ўтирди. Исмоилбей намоз ўқиб бўлиб ҳам жойидан жилмади. «Қиблага қараб Худодан бир нарсалар сўраётгандир», деб ўйлади Зелихон.

Исмоилбей Оллоҳдан кўп нарсани сўрамади. Бандаларига инсофу тавфиқ, фарзандлар умрига барака... Ҳар куни сўрайдиганига бугун «Бизга-ку ватангадоликни раво кўрдинг, шу жойлардан ризқ бердинг, нолимаймиз. Биламиз, имон икки нарсадан иборат, бири шукр, бири сабр. Ўзингга шукр қиламиз, чунки биздан бешбаттар аҳволга тушганлар ҳам бор. Шунча йил сабр қилдик, бундан кейин ҳам сабрли бўламиз, иншооллоҳ. Аммо болаларимизни ватангадо қилма. Шу ерга киндик қонлари тўкилди, энди бу азиз ерларга бегона қилма», деб қўшимча қилди. Сўнг кун ботишга тикилиб она юртини кўз олдига келтирди. Чунки унинг Месхетияси ҳам шу томонда, кунботарда эди...

2

Одамлар тушиши билан автобусларнинг ҳайдовчиларига «шаҳарга қайтилсин!» деб буйруқ берилди. Йигитали шошилинчда қўшнилари билан дурустроқ хайрлашишга ҳам улгурмади. Автобуслар чангли доира ясаб бурилдилару чайқала-чайқала тезликни оширдилар. Катта йўлга чиққунча Йигитали ҳам, ҳайдовчи ҳам жим кетишди. Чанг босилиб, юриш енгиллашгач, ҳайдовчи пешойна тепасидаги кўзгу орқали Йигиталига қараб олди-да:
— Буларнинг ичида нима қилиб юрибсиз, тоға? — деди.

Унинг «булар» деб беписанд гапиргани Йигиталига малол келди. Шу сабабли «булар» сўзига атайин урғу бериб, жавоб қайтарди:
— Булар, менинг қиёматли қўшниларим. Иссиғим ҳам, совуғим ҳам шулар билан эди.
— Қўшнилардан ҳам тоз-за буюрган экан-да, а? — деди ҳайдовчи яна кўзгу орқали қараб.
— Нега ундай дейсиз? Худога шукр, қўшниларим тилло одамлар.
— Ҳа, энди битта-яримтаси тузукдир, қолганлари ярамайди. Мана мен уларни бехавотир жойга олиб бориб қўйдим. Мен уларнинг жонини сақлаб қолдим, тўғри эмасми? Биз бўлмасак ашақда гум бўлишарди. Мен жонларини сақладиму, омма хизматимга рози эмасман.
— Гапларингиз қизиқ-ку, иним, улар сизга нима ёмонлик қилишди?
— Менга-ку ёмонлик қилишмади. Қилиб ҳам кўрсин-чи, киндигидан томоғигача тилиб ташларман. Омма тозза қирғин қилишган-да, булар.
— Қаерда?
— Кўп жойларда. Автоматлари бор экан. Тўрт ойли чақалоқни оловда куйдиришганмиш.
— Ўзингиз кўрдингизми?
— Йўқ, эшитдим.
— Эшитган бўлсангиз... балки ёлғондир? Эсимни таниганимдан бери шу одамлар билан биргаман. Ўзимизга ўхшаган мўмин-мусулмон улар. Тўғри, ёшлари ичади, муштлашади. Жуда ошириб юборса пичоқ тиқиб олар. Лекин сиз айтгандай болани тириклайин куйдирмайди.
— Биттагина сиз ишонмас экансиз. Ағда Қувасой, бағда Марғилон, ана ағда яна Фарғона. Ҳамманинг оғзида шу гап. Шу пайтгача биров буларнинг мушугини пишт дедими? Уруш пайтида келишган эканми, ҳа, шундан берисига юришибди кайфини суриб. Омма бойиб, босар-тусарларини билмай қолишувди. Ўзинг-ку, бировнинг уйида меҳмонсан. Нима қиласан керили-иб, — йигит шундай деб сўкинди. Йигитали унга эътироз билдириш ортиқча эканини фаҳмлади.
— Ҳа, тоға, индамай қолдингиз? Гапимнинг чатағи бўлса айтовринг.
— Гапингизнинг чатағи шуки, ҳаммамиз бу дунёга меҳмонмиз, бу бирламчи. Иккиламчиси — беш қўл баробар эмас. Кўрмаганнинг кўргани қурсин, дейишганини эшитганмисиз? Одамнинг қорни тўйиб, чўнтаги қаппайса, ўзидан кетади, туғёнга келади. Босар-тусарини билмайди. Буниси миллатга қараб бўладиган иш эмас.
— Энди тоға, ўзимизнинг бойлар бир нима қилса ярашади. Ҳар ҳолда ўзимизники-да. Булар-чи?.. Одаммисан дейишмайди. Бўламни пивохонадан ҳайдаб чиқаришибди энағарлар.
— Тўғри қилишибди.
— Ие, тоға, бу нима деганингиз? Жудайла ён босаверманг-да буларга.
— Ён босаётганим йўқ. Пивохонада ўтирган йигитларни кўрсам, ғашим келади.
— Энди ичмасангиз мазасини билмайсиз-да. Ишдан кейин шундан бўлмаса ҳордиқ чиқмайди.

Йигитали ҳайдовчининг гап уқмайдиганлар хилидан эканига ишонч ҳосил қилиб, у билан суҳбатни давом эттирмади. Йигит ҳам яна бир-икки гап айтгач, тинчиди. Йигитали шаҳарга яқин қолганида автобусдан тушди. Ҳайдовчи унга хайр ҳам демади. Йигитали айтган «раҳмат»га жавоб ҳам бермади.

Йигитали шаҳарга кираверишдаги қишлоққа бориб синглисининг оиласидан хабар олиб кетмоқчи эди. Шу ниятда йўловчи машиналарни тўхтатмоқчи бўлди. Бироқ, юзи шилинган, уст-боши кирланган одамни кўрган ҳайдовчилар тўхтамай ўтиб кетаверишди. Оқибатда у пиёда юрди. Синглиси тинч-омон экан. Бу томонларга фақат миш-мишлар, ваҳимали гаплар етиб келибди.

Йигитали уйга кириб, синглиси билан кўришаётганда қуда хола айвонда, жойнамоз устида ўтирган эди. Йигитали намоз ўқияптими ё шунчаки ўтирибдими, деган хаёлда унга бир-икки қараб қўйди. Унинг ажабланаётганини сезган синглиси изоҳ берди:
— Турклар мошинларда юришибди экан, одамларни шартта-шартта отишяпти экан. Ўлсам имон билан кетай, деб шу ҳолда ўтирибдилар-да.

Бу гапни эшитиб, Йигиталининг жаҳли чиқди. Кампирга яқинлашиб салом берди-да, унинг алик олишини кутмай заҳрини сочди:
— Қуда хола, ким нима деса ишонаверасизми? Туркларнинг ҳаммасини адирга кўчиришди. Боши бузуқлар уларнинг уйларини ёқишди, одамларини ёқишди, ўз кўзим билан кўрдим. Лекин одам қириб юрган туркларни кўрмадим. Қўйинг бундай ўтиришни. Қирқ йил қирғин бўлса ажали етган ўлади...

Кампир Йигиталининг гапларига ишониб-ишонмай яна пича ўтирди. Бундан Йигитали баттар хуноб бўлди. Чой ичишга ҳам унамай, изига қайтди.

Қуёш ботай деб қолганида шаҳарга етиб борди. Кўчада қуролланган аскарларни кўриб, ажабланди. Автобус кутишнинг фойдаси йўқ эди. Яна пиёда юрди. Маҳалласига яқинлашганида димоғига куюк ҳиди урилди. Ёнғин асосан ўчган, фақат аллақаерларда нималардир ҳануз тутар эди. Кўчасига бурилиши билан иккита қуролли йигит рўпарасидан чиқиб, уни тўхтатди. Ҳе йўқ, бе йўқ, иккала қўлини кўтартириб қўйиб тинтиб чиқди. Йигитали жосуслар ҳақидаги филмларда шунақа қилишларини кўрган эди. Аввалига йигитларнинг бу қилиғини ҳазилми, деб ҳам ўйлади. Қўлини туширмоқчи эди биттаси автомат қўндоғи билан елкасига уриб «Стоят!» деб бақиргач, «ёпирай, буниси қандоқ бўлди?!» деб қўйди. Аскар Йигиталининг камарига осиғлиқ пичоқни қинидан чиқариб чироққа тутди. «Холодное оружие» деб шеригига кўрсатди. Сўнг қинга ишора қилди-да, Йигиталига «сними!» деб буюрди. Йигитали камарни бўшатиб, қинни чиқариб бергач, пичоқни жойлаб, чўнтагига солди-да:
— Пошли, — деб яна елкасига туртди.
— Ие, қаёққа пошли? — деди Йигитали. У русчани дуруст билмагани учун ярим русча, ярим ўзбекча қилиб тушунтирмоқчи бўлди. — Моя дом ҳов анави ерда. Моя жена, детиларим ҳам кутиб туришибди. Қаёққа пошли?

Аскарлар унинг гапларига қулоқ солмай, қўндоқ билан туртиб, изига қайтишга мажбур қилишди. Йигитали гузардан ўтиб келаётганида усти ёпиқ иккита юк машинаси турганини кўрган, аммо эътибор бермаган эди. Уни машина ёнида турган зобитга рўпара қилиб, пичоқни беришди. Йигитали унга ҳам шу маҳаллада туришини айтиб, тушунтирмоқчи бўлди. Зобитнинг боши гарангмиди, унинг гапларини эшитишни ҳам истамади. Йигитларга имлаган эди, улар дарҳол Йигиталининг қўлтиғидан олиб, машинага чиқаришди-да, орқасидан эшикни ёпишди. Ичкари қоронғи эди, кимдир йўталди.
— Оёққа эҳтиёт бўлинг, биродар, — деди кимдир. Овоз танишга ўхшади.
— Овозингиз танишга ўхшаяпти. Шу ерликмисиз? Мен, Йигиталиман.
— Ие, Йигитали, тозаям тўпланибмизми, а? Мен Ҳамдамалиман. Сой бўйиданман. Қўшнингиз Юсуфалининг тоғасиман. Хабар олгани келувдим, денг. Мен нодон шомни ўқиб кета қолай, дебман. Шу ердан ўтаётсам, аскар болалар тўхтатиб туришибди, денг.

Йигиталининг тахминича бир соатча туришди. Яна икки киши сафларига қўшилди. Улар ҳам қариндошларидан хабар олгани келганлардан эди. Шундан сўнг машина жойидан жилди. Кўп ўтмай улар ўзларини милисахонада кўришди. Йигитали илгари бунақа жойда бўлмаган, бунчалик кўп милиса борлигини тасаввур ҳам қилмаган эди. «Кичкина милисахонада шунча одам ишларкан-да, а?» деб ажабланишди. У фавқулодда ҳодиса муносабати билан қўшни вилоятлардан ёрдамга қўшимча куч келганини қаердан билсин?

Уларни нимқоронғи, дим, сассиқ бир нарсанинг ҳиди келиб турган бир хонага киритишди. Хона тирбанд эди. «Ёпирай, — деб ўйлади Йигитали, — шунча одамни тўплаб нима қилишар экан?» «Шунча одам» сафи орта берди. Ётиш, ёнбошлаш қаёқда, тик турган ҳолда тунни ўтказишга тўғри келди. Тонг отгач, бирин-сирин чақираверишди. Хонада одам камаяверди. Йигитали номини эшитганда «бу гўрхонадан қутулганим рост бўлсин-а», деб Худога шукр қилди. У чақирилганлар билан бир-икки оғиз гаплашиб, қўйиб юборишяпти, деб ўйлаган эди. Тўғри, айрим одамлар гумондан нари бўлиб, уйларига қайтишарди. Айримларга эса қачон рухсат тегиши номаълум эди. Йигитали ана шу иккинчи тоифа одамлар рўйхатига киритилиб, шаҳар қамоқхонасига жўнатилди.

3

Тонгда уфқ қонталаш эди. Гўё кимдир кеча тўкилган қонларни бир идишга эринмай тўплагану туни билан эрмак қилиб осмон этагини бўяб чиққандай... Хушкайфият одам учун тонг отишини кузатишдан завқлироқ юмуш йўқ. Ҳатто энг уйқучи одам ҳам тонгда қушларнинг сайрашини бир эшитади. Эшитиб бир роҳатланади-ю, сўнг уйқусини келган жойидан давом эттираверади.

Кеча адирга келиб жон сақлаган одамлар учун тонгнинг бундай сурури йўқ. Бу дилларни андуҳлардан тозаламоқ учун яна неча тонг отмоғи лозим экан? Бир неча лаҳзада вужудга эгалик қилиб олган ранждан холи бўлмоқ учун неча кун, неча ой, неча йиллар даркор экан?

Кеча хуфтонга яқин келтирилган чодирлар, тўшаклар ҳаммага етмади. Уйқу асосан болаларга ҳукмини ўтказди. Катталар деярли ухлашмади. Зелихон Исмоилбей билан ўша бир чеккадаги дўнгликда ўтирди. Аҳадбей ҳам уларга қўшилган эди, Исмоилбей «болаларингни ёлғизлатма», деб изига қайтарди.

Исмоилбей кунботишга қараб узоқ ўтирди. Зелихон ибодатнинг тугашини тоқат билан кутди. У намоз ўқиганларни кўп кўрган, назарида ибодат бир неча лаҳзада тугагучи эди. Шу боис Исмоилбейнинг узоқ ўтириши унга ажабланарли туюлди. Сўнг: «Оғам илмли одам, қандай ибодат қилишни билади. Балки ҳамма шундай узоқ ўқир, мен аввал эътибор бермагандирман», деди.
— Ҳуббул Ватани минал иймани...

Исмоилбей бу гапни пичирлаб айтган бўлса-да, Зелихон эшитди. Эшитди-ю, аммо тушунмади. Ибодат давомида ўқилгучи дуо деб ўйлаб, индамай ўтираверди. Бир неча нафасдан сўнг Исмоилбей яна тилга кирди:
— Менинг Ватаним шу томонда, — деди у кунботарга тикилганича. — Ватанни севмоқ иймондан. Менинг эса Ватаним йўқтур. Мен Ватандан юз ўгирмадим. Ватан мендан юз ўгирдими? Ё Оллоҳ, Ватани йўқнинг иймони бўларми энди?..

Йиллар ўтар, балки асрлар ўтар, аммо ҳеч ким, ҳеч қачон уларнинг ватангадо бўлиб қолишлари сабабини аниқ айта олмас. Балки бу фақатгина қиёматда аён бўлгувси синоатдир? Тўғри, унга қадар аҳли илм, аҳли қалам турли гумонларини баён этаверарлар, кимларнидир айбларлар, кимларнидир оқларлар... Банда тўқиган гаплар ўткинчи эканини фаҳм этмайми, баҳслашаверарлар...

Зелихон Исмоилбейга оғир бўлганини билиб турса-да, чолнинг дарди у учун бегона эди. Чунки унда Ватан туйғуси йўқ эди. Тўғри, дастлабки қамалганида шунга ўхшаш бир туйғу бир уйғонди, аммо тарбияга муҳтож бу туйғунинг умри қисқа бўлди. Онгида охират тушунчаси бўлмаган одам шайтоннинг ўлжаси ҳисобланади. Шайтонга тобе одам қалбида эса бундай туйғуларни тарбия этмоқ мутлақ мумкин эмасдир.

Машойихлардан бири куйиб айтган эканки, ё Раббим, мен баъзи кимсаларнинг ҳолига ҳайрон қоламан: ўлимнинг муҳаққақлигини билгани ҳолда, қандай қилиб хурсандчиликка берила олади? Жаҳаннам азобининг ҳақлигини билгани ҳолда қандай кулади? Воқеан шундай. Ўлим билан юзма-юз келиб қолган дамдагина одам дунёда қувонч, хою ҳавас борлигини унутади. Аксинча, ягона қудрат соҳибини эслайди. Яна бир неча йил, ёки, майли, бир неча ой, у ҳам мумкин бўлмаса бир ойгина, бир кунгина, ҳеч бўлмаганда соат ёки дақиқа умр кўришни истайди. Кечагина уларнинг хаёлига бу нарсалар келмаган, дунё фақат қувончлардан иборатдай беташвиш ўтиришган эди. Мана энди кутилмаганда ўзларини адирда бошпанасиз кўргач, хаёллари охират билан банд бўлди. Ота-оналар фарзандларига, болалар эса волидайн умрига барака беришни сўраб Яратганга ёлбордилар. Умр бўйи Оллоҳ номини тилга олмаганлар хаёли ҳам шу билан банд...

Яна машойихлар дерларки: бу дунёда моли омонат, ўзи эса меҳмон бўлмаган бирон кимса йўқтур. Меҳмон деган келади, кетади. Омонат эса буюрилган вақти етганда эгасига қайтиб берилмоғи жоиздир. Бешафқат ҳаёт бу ҳақиқатни бир ҳамлада аён этиб, одамларнинг юмуқ кўзларини очди.

Зелихон яна жимиб қолган Исмоилбейнинг ёнига яқинроқ сурилди.
— Оға, — деди у, — ҳали ҳушимдан кетган пайтимда тушга ўхшаган ғалати нарса кўрдим.

Исмоилбей унга қаради. Чолнинг қарашида «қанақа туш?» деган савол зуҳур эди. Зелихон гапини давом эттириш мумкинлигини фаҳмлади:
— Бошимга зарба тушиши билан ҳаммаёқ гир айланди, кейин атрофимни зулмат ўраб олди. Иккита шарпа келиб, қўлтиқлаб кўтарди. «Яхши бўлди, булардан қутқаради», деб ўйладим. Шарпалар қўлтиқлаб кўтарганича мени чир айлантириб баландга, жуда баландга олиб кетишди. Худди саҳродаги гирдобга тушиб қолгандай бўлдим. Кейин бирдан зулмат тугаб, ёруғликка чиқдик. Атроф шу даражада ёруғ эдики, кўзларим қамашиб кетди. «Буни нимага олиб келдиларинг, ҳали муҳлат бор», деган ғалати овоз эшитилди. Кейин яна гирдобга тушдим, яна зулматда қолдим. Шарпалар мени ерга ётқизиб, йўқ бўлишди. Кейин кўзимни очсам... Йигиталининг айвонида ётибман.

Зелихон жавоб кутиб, Исмоилбейга тикилди. Исмоилбей бир оз ўйга толди-да, чуқур хўрсинди. Сўнг:
— Бунинг таъбирини айтишга фикрим ожиз, — деди. — Валлоҳи аълам, Тангрим жонингни қайтариб берибди. Бунинг маъноси шуки, энди саёқ юришингни ташла. Қалбингни зангдан тозала.
— Қалб занги? — Зелихон кулимсиради. — Роса зўр гапларни топиб гапирасиз, тоға. Ҳозир намоз ўқиётганингизда нима учундир менинг ҳам ўқигим келди. Шунинг учун сизга яқинлашиб ўтирувдим.
— Ҳа-а... — Исмоилбей қўлини унинг елкасига қўйди. — Дилингдаги қулфни Тангрининг ўзи очибди, валлоҳи аълам. Бу — яхшилик аломати. Иймон келтир, биласанми?

Зелихон бош чайқади. У жиноятчилар тақдирини ҳал қилувчи жаъми қонунларни ёд биларди. Шу ёшга кириб, учтагина муқаддас сўздан иборат калимани айта олмади. Исмоилбей калимани айтди, у қайтарди:
— Ла илаҳа иллоллоҳ...

Бир неча марта қайтарди. Ҳар айтганида вужудини эзиб турган нимадир қочгандай бўлаверди. Ўша «нимадир»ни у билмас эди. Енгил тортаётганини ҳис қилиб туриб «қалбнинг зангдан тозаланиши шу бўлса керак», деб ўйлади.

Шу пайтда эллик қадамча наридан даъватчининг овози эшитилди. У атрофига ўн-ўн беш чоғли одамларни тўплаб Ватан, озодлик ҳақида гапирарди. Аввал Зелихон, сўнг Исмоилбей туриб, давра сари юрдилар.
— Аёлларимиз месхетияликлар орасида эркак зотидан борми, дейишяпти. Хўш, айтинг-чи, биз итмизми, ким ҳайдаса думимизни қисиб қочаверадиган. Ўзбекларни биз қариндош дердик, орқадош дердик. Улар номардлик қилдилар.

Шу пайт давра орасидаги бир йигит қўлини баланд кўтариб қичқирди:
— Қонга қон!

Унинг бу қичқириғи Исмоилбейнинг бошига гурзи каби урилиб, товонига қадар зириллатиб юборди. Баданига қалтироқ югурди:
— Зинҳор! — деб юборди у. Тўпланганлар давра четидаги қарияга ажабланиб қарадилар. — Зинҳор! — деб такрорлади Исмоилбей. — Худодан қўрқинглар! Ўзбекларни айбламанглар! Нон берган жон олмайди.
— Ватан бир боғдир. Бу боғнинг дарахтлари инсон қони ила суғорилмаги керак, — деди даъватчи. Исмоилбейнинг лаблари титраб «Астағфируллоҳ!» деди-ю, бошқа гапиролмай қолди.
— Чиройли гапирдинг, — деди Зелихон унга яқинлашиб. — Лекин бу боғ сеники эмас-ку? Боғни яшнатиб юборгинг келса, ана, қўлингга қурол ол, Месхетиянгга бор. Уйингга кириб олганларни ҳайдаб чиқар. Қўлингдан келадими бу иш?

Даъватчи бу гапдан гангиди, бироқ сир бой бермаслик учун Зелихонга дағдаға қилди:
— Сен кимсан ўзинг? Қаёқдан келиб қолдинг?
— Мен — чеченман! Мен ҳам Ватанидан ҳайдалган инсон боласиман. Сен вайсашга уста экансан. Аммо сен бизга жой берган, нон берган, ўлганларга кафан берган ўзбекларни билмайсан. Сен унда йўқ эдинг. Кеча тухумни ёриб чиқиб, бугун элга ақл ўргатасанми? Билиб қўй, овозингни ўчирмасанг, кекирдагингни мана шу бармоқларим билан суғуриб оламан. Бу панжа шунақа ишларга мўлжалланган. Анча-мунча кекирдакларни суғуриб, роҳатланган. Кимсан, дединг, а? Билиб қўй, мен қамоқдаги карамшўрваларни ичиб катта бўлган одамман. Пачакилашиб ўтирмайман. Мен милисангдан ҳам, ҳукуматингдан ҳам қўрқмайман. Ҳамманг бола-чақаларинг билан индамай ўтирларинг. Яна ким «қонга қон!» деса шу ерда қон қусиб қолади. Мен — чеченман! Чеченлар бир сўзли бўлади, ҳа!

Даъватчи гапиролмай қолди. Даврадагилар аста тарқалишди.
— Уларни қўрқитиб юбординг, — деди Исмоилбей.
— Қўрқитганим йўқ. Агар яна гапирса, ростданам қилардим шу ишни. Ҳамма ғалвани мана шунга ўхшаганлар бошлайди. Юзта милтиқ топиб, тарқатинг, анави гўл йигитлар олади. Бу аҳмоқ эса олмайди. Биринчи бўлиб қочади.
— Булар серка тоифа одам бўлади. Қўйларни кушхонага бошлайди, ўзи эса омон қолади. Шунақалардан ўзинг асра, эй Тангрим!

Бу орада тўшак, чодир келтиришди. Зелихон битта тўшакни олиб келиб, дўнгликда ёлғиз ўтирган Исмоилбейга тўшаб берди.
— Оға, ётиб дам олинг.
— Сен ўзинг ётавер. Мен бу тунни Оллоҳнинг зикри билан ўтказарман. Аҳадбейга ҳам етдими тўшак?
— Ҳа, болаларига жой қилиб олди.

Исмоилбей айтганидай қилиб, ухламади. Яйдоқ ерга тиз чўкиб ўтирганича ибодат билан машғул бўлди. Зелихон тўшакка ёнбошлади. Унга халал бермади. Бир-икки кўзи илингандай бўлди. Субҳга яқин қаттиқ мудроқ босди. Исмоилбейнинг азон чақириғини эшитиб, уйғонди. Исмоилбей ўргатганидек таямум қилди, унга эргашиб намоз ўқий бошлади. Исмоилбей фарз намозини ўқиб, қаъдага ўтирганича қимир этмади. Зелихон анчагача тоқат билан ўтирди. Бу орада уфқ қонталаш бўлди. Атроф ёриша бошлади. Зелихон нима қиларини билмай, кечаги воқеаларни эслаб ўтираверди. Аҳадбей келмаганида, билмайди, қанча ўтирар эди... Аҳадбей ён томондан келди. У ҳам отасининг намоз ўқиётганини кузатган, узоқ ўтириб қолганидан ажабланган эди. Отасига яқинлашаётиб тиззаси устидаги ўнг қўлининг кўрсаткич бармоғи кўтарилганича қотганини кўрди. Отаси одатда ташаҳҳуд ўқиётганида бу бармоғини бир кўтариб қўярди. Ҳозир эса бармоқ қотиб турибди.
— Ота, — деди Аҳадбей Исмоилбейга яқинлашиб. Садо бўлмагач, энгашиб, уни елкасидан ушлади.

Исмоилбей ўғлининг бағрига беозоргина бош қўйди. Аҳадбей отасини бағрига маҳкам босганича нима қиларини билмай қотиб ўтираверди. Зелихон ирғиб ўрнидан турди-да, чолнинг рўпарасига ўтди. Исмоилбейнинг кўзлари очиқ, бармоқлари ҳануз кунботар томонни кўрсатиб турарди.

4

Бир неча дақиқалик саросимадан сўнг барчалари бир муаммо устида бош қотирмоққа мажбур бўлдилар: майит қаерга ва қай ҳолда кўмилади? Зелихоннинг хаёлига бобосининг қисмати келди. Бобоси қайтиш қилганида кафанни уй эгаси берган эди. Исмоилбейга ким беради? Бу масала оғир эмас. Ҳукумат вакиллари топиб беришар. Аммо қаерга дафн этилади? Ғассол ким? Қаерда ювади? Агар пешингача дафн этилмаса, бу иссиқда... Оқсоқоллар турлича фикр билдиришди. Вакилнинг боши қотди. Бунақа ҳолатда кўпчиликнинг маслаҳатига қулоқ солинаверса ош пишмайди. Зелихон буни яхши билади. Аҳадбей отасига ўхшаган мўмин одам, ким нима деса кўнаверади. Шу сабабли Зелихон ўзича тадбир белгилаб, амалга оширишга киришди:
— Хўжайин, менга машинангни бериб тур. Чолни қишлоқдаги қабристонга кўмамиз, — деди у қатъий оҳангда.
— Йўқ, мумкин эмас. Аҳволни кўриб турибсиз, — деди вакил.
— Нимага мумкин эмас? Қишлоқда ўзбеклар турадими? — Вакил бош ирғаб тасдиқлади. — Менга қара, хўжайин, сенга тушунмайроқ турибман. Сен ўзинг ўзбекмисан, ахир?

Вакил бу саволдан довдиради. Одамларга бир-бир қараб олиб, ўзбек эканидан хижолат чеккандай «ҳа» деб қўйди.
— Иккидан бири, — деди Зелихон унга қаттиқ тикилиб, — ё сен ўзбек эмассан, ё ўзбекларнинг кимлигини билмайсан. Исмоилбей оғам кеча «Нон берган — жон олмайди» деган эди. Билиб қўй, нон берган кафанлик ҳам беради, мозоридан жой ҳам беради. Сени қара-ю, яна ўзбекман, дейсан. Ўзбек бўлганингда ўликнинг устида бунақа мажлис қилиб ўтирмасдинг. Машинангни бер, Аҳадбей иккаламиз тушамиз.
— Яхши, машина бераман, — деди вакил, — омма, мен сизларни огоҳлантирдим. Бир гап бўлса мен икки киши учун жавобгар эмасман.
— Қўрқма, хўжайин, менга тегишмайди. Мен чеченман. Ўлдиришса, мана, Аҳадбейни ўлдиришар. Бир кишига жавоб берасан.
— Биз ҳам борамиз, — деди қариялардан бири, — икковинг шўппайиб кўтариб борасанларми?
— Сизлар шу ерда дуо қилиб ўтиринглар. Икковимиз шўппайиб қолмасмиз.

Зелихон айтганидай бўлди. Улар юк машинасида йўлга чиқдилар. Хотинлар қий-чув билан қолдилар. Зелихон дафн маросими қандай бўлишини яхши билмас эди.
— Ҳозир қаёққа борамиз? — деб сўради Зелихон Аҳадбейдан.
— Қишлоққа, — деди Аҳадбей унинг саволидан ажабланиб, — ўзинг айтдинг-ку.
— Қишлоққалигини биламан. Тўғри мозорга олиб бормаймиз-ку?
— Ҳа... балки мачитга борармиз?

Қишлоққа кираверишда учраган биринчи кишидан «мачит қаерда?» деб сўрашди. У берилган саволга аввал тушунмагандай бўлди. Қайта сўрашгач, бош ирғаб «қишлоқда мачит йўқ», деб жавоб берди. Зелихон билан Аҳадбей «енди нима қилдик?» деган маънода бир-бирларига қараб олдилар.
— Чойхона борми? — деб сўради Зелихон йўловчидан.
— Бор-да. Тўғрига юриб чапга бурилсанғиз гузарга чиқасиз. Чойхона ашатда.

Ҳовуз лабидаги сўрида икки оқсоқол нонушта қилиб ўтирарди. Аҳадбей машинада қолиб, Зелихон тушди-да, уларга яқинлашиб, салом берди. Чоллар ўринларидан туриб, қўшқўллаб сўрашгач, меҳмонни нонуштага таклиф қилдилар. Меҳмон ўтириб, фотиҳа ўқилгач, унга чой тутдилар. Зелихон чойдан бир ҳўплади-да, муддаога кўчмоқчи бўлди:
— Оталар, мен чеченман, анави машинада қолган шеригим — турк, — деди.

Сийрак соқолли чол кулимсиради.
— Меҳмон, сизнинг кимлигингизни сўраганимиз йўқ-ку? Чеченмисиз, бошқамисиз, бизга меҳмонсиз, бизга шуниси бас.
— Раҳмат, ота, замон алғов-далғов бўлганига шунақа девдим.
— Э меҳмон, замонни қўяверинг, ҳозир дийдор ғанимат. Насибангизда бор экан, қишлоғимизга келдингиз. Бир пиёла чой ичдингиз. Насибангизда бўлмаса, туя сўйиб чақирсак ҳам келмаган бўлардингиз. Шеригингизни ҳам чақиринг, чой ичсинлар, нимага тушмаяптилар.
— Машинада яна бир одам бор... Шеригимнинг отаси...
— Хастамилар, ётибдиларми?
— Жон бердилар яқинда, намоз ўқиб туриб... Турклар адирда, биларсизлар. Кўмиш керак, мусулмонча қилиб.

Қариялар «Оллоҳ раҳмат қилсин», деб юзларига фотиҳа тортдилар.
— Оталар, хафа бўлмайсизлар, бир гап айтай?
— Ҳеч қанақа гап айтманг, меҳмон, биз тушундик. Сиз чой ичиб ўтиринг, хўбми, қани, Сотволди, тур.
— Тўхта, ҳовлиқмасанг-чи, гаплари бўлса айтсинлар. Меҳмон, ранжиманг, Ҳайитали тоғангиз сал шунақароқ. Айтовринг гапингизни.
— Айтмоқчиманки... чиқимини тўлаймиз.
— Астағфируллоҳ! — деди Ҳайитали оқсоқол. — Сотволди, эшитдингми? Шунақа гап чиқишини билганим учун айтманг, девдим. Энди меҳмон, айтишга-ку, айтдингиз, а? Энди пича уялинг. Бизларни ким деб ўйладингиз?

Ҳайитали гапира-гапира сўридан тушиб, кавшини оёғига илди. Сотволди оқсоқол унга эргашди. Зелихон учинчи пиёладаги чойни ичишга улгурмай Ҳайитали оқсоқол кўринди. У чойхона сари эмас, машинага қараб юрди. Аҳадбейга қараб: «Энди бандалик-да, иним, худо сабр берсин», деди-да, ҳайдовчи ёнига ўтирди. «Қани ҳайданг иним», деб йўл кўрсатди. Зелихон югуриб келиб жойидан жилаётган машинага чиқиб олди.

Машина бир уй қаршисида тўхтади. Бу ерда бир неча одам тўпланиб турган эди. Зелихон ҳам, Аҳадбей ҳам бу уй Ҳайитали оқсоқолники эканини кейинроқ билишди. Майитни уйга олишгач, Ҳайитали Аҳадбейга яқинлашди.
— Иним, отангизнинг биродарлари, қўни-қўшни, қариндош-уруғингиз бордир, а?
— Бор, — деди Зелихон ўртоғи учун жавоб бериб. — Адирда қолишган.
— Нимага қолишди? Нимага келишовурмади?

Зелихон ҳам Аҳадбей ҳам бу саволга жавоб беролмай кўзларини олиб қочишди. Ҳайитали ҳам саволига жавобни талаб қилмади.
— Сиз, иним, — деди Аҳадбейга қараб, — ичкарига киринг. Ғассолга қарашасиз. Сиз эса мен билан юринг, — деди Зелихонга. Зелихон «қаёққа?» деб ўтирмай, унга эргашди.

Адирдаги қўни-қўшни, Исмоилбейнинг биродарларини олиб қайтишганда дафн маросимига лозим бўлган юмушлар бажариб бўлинган эди. Ҳовлига жой қилинган, катта қозонда эса шўрва қайнаб турарди.

Аҳадбей машинадан тушаётган орқадошларини кўриб, йиғлаб юборди. Отасининг жони узилганидан бери кўзига энди ёш келди. У отасининг ўлганидан ёки унинг қадридан эмас, қишлоқдагиларнинг оқибатидан ҳаяжонланиб йиғларди.

Ҳайитали оқсоқол чўрткесар, бир сўзли эди: дафн маросимидан кейин ҳам меҳмонларга ижозат бермади. Шомга яқин вакил хавотирланиб етиб келди. Вақтида қайтмаганлари учун улардан ўпкалади.
— Қишлоғимизда авбошлар йўқ, Худога шукр. Шу ерда тураверишсин. Бийдек чўлда нима бор экан? Чолларни уринтириб қўйибсиз, иним, — деди Ҳайитали унга.
— Бошқа чорамиз йўқ, отахон, қишлоғингиз тинч, биламиз. Лекин бу ерда турклар борлигини билса, шаҳардаги бетамизлар етиб келиб бир балоларни бошлайди. Адирда буларни аскарлар қўриқлайди.
— Тўртта-бешта безорини жиловлай олмасангиз, нима қилиб ҳукумат бўлиб юрибсиз, иним, шу ҳам ишми? Ёмонга ёмон бўлинг, шартта-шартта отинг-да, вассалом!
— Айтишга осон... — деб минғирлади вакил, сўнг Зелихонга «бу ғалвани сиз бошлаб эдингиз, энди ўзингиз эпланг бу ёғини» дегандай нажот кўзи билан боқди. Зелихон Ҳайитали оқсоқолга, унинг ҳамқишлоқларига миннатдорлик билдириб, қарияларни машинага таклиф этди.

5

Ўша дўнглик... Яна икки киши... Яна шом... Аммо шом азони эшитилмайди. Ҳеч ким намоз ўқимайди. Дўнгликдан икки қадам нарида Аҳадбейнинг оиласи, қўшни хотинлар, болалар...

Аҳадбей билан Зелихон қонталаш уфққа тикилишган. Айтадиган сўзлари йўқдай... Жим... Жимликни болаларнинг овозлари бузади:
— Зарине, кел, меҳмон-меҳмон ўйнаймиз. Сен меҳмон бўласан...
— Ўйнамайман. Ҳали ҳайдаб юбординг-ку. Сенга меҳмон бўлмайман...

Болаларнинг суҳбатига Аҳадбейнинг хотини қўшилади:
— Зерине, ўйнай қол, Гулсине меҳмонни ҳайдамайди, у ўзбек эмас.

Бу гап хаёлга берилган дўстлар қулоғига ўқдай урилди. Аҳадбей сапчиб ўрнидан турди-да, хотинига яқинлашиб юзига тарсаки туширди. Бунга ҳам қаноат ҳосил қилмай тепди. Яна тепмоқчи бўлганида Зелихон ўртага тушди.
— Нимага урасиз? Гуноҳим нима? — деди хотин йиғламсираб.
— Сен аҳмоқ одам айтадиган гапни айтдинг, — деди Зелихон.
— Қайси гап? — деб ажабланди хотин.

Аҳадбей унга жавобан сўкинди. Зелихон уни елкасига қўлини қўйиб нарига бошлади. Хотин жавраб қолаверди.
— Парво қилма, хотин зоти нима гапирганини ўзи ҳам билмайди, — деди Зелихон дўстига тасалли бериб.

Атрофга қоронғилик чўка бошлади. Катта чодир яқинида овқат улашилди. Улар боришмади. Яна кунботарга тикилганча жим ўтирдилар.
— Бармоқларини тўғрилаш мумкин бўлмади, — деди Аҳадбей.
— Нимага кўтарган эканлар, билмайсанми?
— Намозда шунақа одатлари бор эди. Бир куни сўрасам, пайғамбар афандимиздан суннат девдилар. Муҳаммад алайҳиссалом намоз ўқиб ўтирганларида тоғ қулай бошлаган экан. Намозни бузмай кўрсаткич бармоқларини кўтарганларининг ўзида тоғ қулашдан тўхтаган экан.
— Мен «Месхетиям шу ёқда» деб кўрсатмоқчи бўлганмилар, деб ўйлабман.

Аҳадбей бош чайқайди-ю, енгил хўрсинди. Сўнг ўзига-ўзи гапиргандай деди:

Қўнма булбул, қўнма булбул

Дарахт шохига,

Налар келди, налар келди

Юртим бошига...
— Нима дединг, тушунмадим?
— Болалигимда отам шуни хиргойи қилиб юрардилар. Халқ қўшиғи, дер эдилар.

Бу гапдан кейин Зелихон кеча тундаги суҳбатни ёдга олди. Исмоилбей Ватан ҳақида гапира туриб: «Агар сендин тонар бўлсам, насибам оҳу зор ўлсун», деб хўрсиниб қўйган эди. Зелихон бу гапни хотирасига муҳрлашга ҳаракат ҳам қилмаганди. Ҳозир нечундир эслади. Эслаб туриб, баданида худди минглаб чумоли баробар ўрмалагандек сесканди.

Ярим тунга қадар суҳбатлашиб ўтирдилар. Тонгга яқин бир-бирларига суянган ҳолда пинакка кетдилар. Зелихон бир тутамгина уйқусида икки марта чўчиб уйғонди. Ҳар сафар ёнига Исмоилбей келиб хўрсинади-да, қулоғига шивирлайди: «Агар сендин тонар бўлсам, насибам оҳу зор ўлсун».

Эрталаб «йўлга ҳозирланинглар» деган буйруқ берилди. Пешинга яқин турнақатор бўлиб автобуслар кўринди. Қаёққа боражакларини ҳеч ким билмас эди. Кимдир умид билан «Месхетиямизга олиб боришса эди», деди. Дам ўтмай бу умид «Месхетияга қайтар эканмиз» деган ҳақиқатга айланиб, тирналган қалбларга малҳам бўлди.

Автобуслар шаҳарга яқинлашаётганда Зелихон Аҳадбей билан хайрлашди.
— Қаерга борсанг ҳам, сени топаман. Бу ерда қиладиган чала ишларим бор.
— Тинч юр. Биз билан кетавер. Чала ишларинг чалалигича қолаверсин.
— Ҳозир кета олмайман. Сени топаман...

Автобус аеропорт ёнидан ўтаётганида Зелихон тушиб қолди. Автобуслар шошилмай, секин юришарди. Зелихоннинг назарида улар одамлар қалбидаги дарднинг оғирлигини тортолмаётгандай эди. У автобуслар ортидан келаётган ҳарбийлар машинаси кўздан йўқолгунча кўзини йўлдан узмади. Шу ҳолда турганида ўша таниш овоз қулоғи остида яна шивирлади: «Агар сендин тонар бўлсам, насибам оҳу зор ўлсун...»

IV боб

1

Зоҳид Маҳмуд Эҳсоновни сўроққа чақиришга чақирди-ю, кейин тўғри қилдимми, деб боши қотди. Шу ҳолда гаранг бўлиб ўтирганида хонасига маёр Солиев кириб келди. Зоҳид унга Жамшиднинг уйига боргани, ўгай онаси билан гаплашгани ҳақида гапириб берди. Қисқа ҳисоботнинг охирида Маҳмуд Эҳсоновни чақиртирганини ҳам айтиб «бунисига нима дейсиз» деган маънода маёрга тикилди. Маёр унинг нигоҳидаги саволни тўғри уқиб, жавоб берди:
— Бекор чақирибсан. Унинг кимлигини билардинг-ку? Асадбек кўпроқ шунинг маслаҳатига юради, дейишади. Бу Чувринди Асадбекнинг боши, Кесакполвон деганлари оёқ-қўли.
— Демак, чақиртириб тўғри қилибман. Демак, ҳамма ишларнинг тепасида шу одам турган. Демак, калаванинг учи шунинг қўлида. Демак...
— Демак, — деди Солиев истеҳзо билан, — демак, сен ҳали ҳеч нарсага тушунмабсан. Ма, ўқи. — У ён чўнтагидан бир варақ қоғоз чиқариб, Зоҳидга узатди.

Зоҳид ёзувларга бир кўз югуртириб, кейин маёрга ҳайрат билан қаради. Сўнг яна ўқиди.
— Мурда аввал ёриб кўрилган? Бош мия, буйраклари олинган? Ўша ёндирилган мурдами? Қаёқдан чиқди бу гап?
— Аввалги экспертиза хулосасини амалиётчи талаба ёзган экан. Буларни ёзиш шартмасдир, деб ўйлаганмиш. Бўлим бошлиғи бугун билиб қолиб, менга қўнғироқ қилди. Узр сўради. Ёпиғлиқ қозон ёпиғлиғича қолсин, деб ялинди.
— Бировга жон ширин, бировга жой ширин, — деб тўнғиллади Зоҳид. — Бунақа бошлиқларнинг онасини...

Зоҳид ўша бўлим бошлиғининг онасини нима қилиш лозимлигини айтди-ю, тилини тиёлмагани учун Солиевдан хижолат бўлди. Бир томондан, ғазаб, бир томондан, хижолат исканжага олди. Маёр «ўзига келиб олсин», деб индамай ўтирди. Зоҳид одати бўйича, бир вараққа қандайдир формулалар ёзди, ўчирди, яна ёзди. Фикрини сал жамлаб олгач, маёрга қараб кечирим сўради.
— Бу қўшимча хулосасиз ҳам мурда Жамшидники эмаслиги бизга аниқ эди. Мурданинг кимлигини энди аниқлаб бўлмас. Фалокатга учраган, ўликхонада эгасиз ётган балки бирон меҳмондир.
— Бу томоша уларга нима учун керак? Шунга ақлим етмаяпти.
— Уларга, деганинг ким?
— Асадбекка-да.
— Бу ишни Асадбек қилган, деб ишоняпсанми?
— Ахир Жамшид деб кўмишибди-ку? Ўликхонадан бизнинг рухсатимизсиз олишган. Қалбаки ҳужжат тайёрлашган.
— Эҳсоновга шуларни айтасанми?
— Айтмайинми?
— Арқонни узун ташла. Улар бизни лақиллатмоқчи бўлишибдими, майли, лақмага ўхшаб кўринавер. Биз Жамшидни қидиришимиз керак.
— Тирик деб ўйлайсизми?
— Билмадим. Балки тирикдир. Балки ўлдириб кўмиб ташлашгандир. Ҳарҳолда, улар Жамшиднинг тирик эканига ишонишимизни исташаётганга ўхшашади. Экспертиза хулосасидаги камчилик бекорга аниқланмагандир. Бўлим бошлиғи индамай қўя қолса ҳам бўларди.
— Яна бир гумон бор: балки иккала ўлимнинг қотили бир эканига ҳам ишонтиришмоқчидир? Биринчиси — чинакам қотиллик. Жалол Комилов қийнаб ўлдирилган. Балки қотил Жамшиддир? Бугун уни ўлдига чиқариб, эртага бошқа ҳужжат, бошқа исм билан тирилтиришса-чи? Иккинчиси қотиллик эмас, шунчаки ўйин. Бир неча кун аввал ўлдирилган одамнинг эркаклигини кесиб ташлашдан мақсадлари нима? Қотилнинг услуби шу, дейишмоқчими? Жамшид аввал бир қизни зўрламоқчи бўлгани учун қамалган. Эркакликнинг кесиб ташлангани шунга ишора эмасми? Ҳа, айтмоқчи, марҳумнинг буйраклари нега йўқ бўлди? Жигар эзилган, бош майиб. Ҳар ҳолда, машина уриб юборган бўлса керак. Буйракларнинг кимга кераги бор?
— Илмий тадқиқот учун олишгандир. Буйракни кўчириб ўтказиш маркази бор, эшитмаганмисан? Буйраги қурий бошлаган одамлар шунақа ҳодиса бўлишини кутиб ётишади. Қизиқ-а, ўлмай қолиш учун бошқа бир одамнинг ўлишини кутиб ётишади.
— Ҳа... — деди Зоҳид, енгил хўрсиниб, — ўлмай қолишнинг турлари кўп.

Шу пайт хонага Ҳамдам кириб келди. Кўринишдан кайфияти яхши эди. Зоҳид билан кўриша туриб «битта ошга тушдинг, прокурор» деб қўйди.
— Зоҳидни битта ош билан қўрқита олмайсан, — деди Солиев. — Қотилни топган бўлсанг, қўй сўяди. Ароқ-шароғи мендан.
— Буниси ҳам бўлади, — деди Ҳамдам кафтларини бир-бирига ишқаб. — Бугунгиси битта ошга арзийдиган гап. Зоҳид, акангнинг таги қимирлаб қолганга ўхшайди.
— Қайси акамнинг?
— Собиқ бошлиғинг, капитан Мирсултонов аканг эмасми? Хў-ўш... биздан ўтган икки-уч ишни шаҳар суди қайтарган эди. Бугун юқорида капитанни бурашибди шекилли. Ҳозир менга ҳасрат қилиб қолди. «Жойимга биров кўз тикиб турибди, эзмасдан тўғрисини айта қолишмайдими?» дейди. Мен ҳам тўғрисини айтдим-қўйдим. «Акахон, — дедим, — айб ўзингизда, қўрқоқлик билан узоққа бориб бўлмайди. Қўлга тушган жиноятчи албатта фалончининг ўғли бўлади ёки пистончининг жияни, ё қўшниси бўлади. Бусиз илож йўқ. Ҳамманинг кўнглига қараб иш тутсак, эрталаб қўлга олиб, кечқурун узр сўраб чиқариб юбораверамиз. Шунинг учун ҳам бизни биров бир тийинга олмайди», дедим. Шунақа, прокурор, йиғлаб юборай деб ўтирибди аканг.

Зоҳидга бу гаплар малол келди. Айниқса Солиевдан хижолат бўлди. Унга қарамасликка тиришиб:
— Ҳамдам ака, бировнинг ташвишидан қувонганимни аввал кўрганмидингиз? — деди.
— Бунинг нимаси ташвиш? Сен ҳақиқатпарастсан-ку? Ҳақиқат истар эдинг, рўёбга чиқяпти. Ўз ўрнига номуносиб одам кетадиганга ўхшайди.
— Ўз ўрнига муносиби келадими? — деди Солиев унинг гапини бўлиб.
— Буниси энди Худога боғлиқ. Бўпти, бу гапим ёқмаса, ёқадигани ҳам бор: битта инсофли одам топилди. Шоир экан. Гувоҳликка чақирмасликка минг марта қасам ичириб, кейин бир машинанинг номерини айтди. Керак бўлади, деб ёндафтарига ёзиб қўйибди. Айтгиси келади-ю, қўрқади — у кўкрак чўнтагидан бир парча қоғоз олиб Солиевга узатди. Маёр қоғозга кўз югуртирди-ю, бетоқат қараб турган Зоҳидга узатди.
— Яна ўша таксопаркми? — деди Зоҳид ажабланиб. — Нима, бу тасодифми?

Солиев «билмайман» дегандай елкасини қисиб қўйди.
— Иккидан бири: ё тасодиф, ё кимнингдир бефаҳмлиги.
— Ёки, — деди Солиев, — бизни кимдир майна қилмоқчи, лақиллатмоқчи. Шу учинчиси тўғри бўлса керак. Рақибни ҳеч қачон бефаҳм деб ўйламанглар. Агар шундай ўйласанглар, ўзларинг калтафаҳм бўлиб қоласанлар. Таксопаркка бормагандирсан?
— Қаранг, шу ишга келганда фаҳмим узунлик қилиб, бордим, — деди Ҳамдам кесатиб. Ҳайдовчи Сайфи Турдиев. Уч кунга рухсат олиб Учариққа кетибди. Укаси қамоқда экан. Эртага ишга чиқади.
— Эртагача Учариқ билан боғлана оламизми? — деб сўради Зоҳид маёр Солиевдан. У маёрга тўғридан-тўғри иш буюраверишдан андиша қилиб, баъзан шундай савол билан мурожаат этарди. Солиев бу ишнинг муҳимлигини билгани учун телефон гўшагини кўтариб, керакли бўлим билан суҳбатлашиб топшириқ берди.
— Бугун кун исиди, — деди Ҳамдам елпиниб. — Прокурор деса, савлатингдан эшак ҳуркади-ю, хонангга битта кондитсионер қўйдирсанг бўлмайдими? Ўртоқ маёр, сиз телефонда гаплашгунингизча мен калтафаҳмлик давосини ўйлаб топдим. Айтайми?
— Айт, — деди Солиев кулимсираб, — пичинг дарсидан баҳоинг аъло, қани гапир-чи, узунфаҳм.
— Дўхтир ёзиб берган зўр дори бор. Номи «Витамин-П». Уни топиш учун ҳозир шогирдингиз навбатчи машинани чақиради. Икки соатга «махсус топшириқ» билан бир жойга бориб келамиз. Қаёққа, деб сўрамайсанми, прокурор?
— Сўрамайман, гапингиздан қитмирликнинг ҳиди келиб турибди.
— Қитмирлик эмас. Ҳали бу таклифим мойдек ёқиб, менга раҳмат, акахон, ҳам дейсан. Хуллас, гап шуки, сен машина чақирасан, биз ўтирамиз, кейин анҳор бўйидаги ўзинг билган пивохонага борамиз. Сен битта, мен иккита пиво ичамиз. Жаз-буз дегандай, а?

Зоҳид Ҳамдамнинг мақсадини англаб, жилмайди. У анҳор соҳилидаги кўримсиз пивохонани биларди. Ҳамдам «бу пивохона эмас, миш-мишхона, ҳар қандай ахборот шу ерга оқиб келиб, жамланади», дерди. Ҳамдам пивохона хўжайини билан ўзаро оғзаки шартнома тузиб олган эди. Бу шартномага мувофиқ Ҳамдам уни назоратчилардан ҳимоя қиларди, у эса барча миш-мишларни оқизмай-томизмай Ҳамдамга етказарди. Ҳам тижорат, ҳам сиёсат, деганларидай, Ҳамдам ҳам бўлаётган ёки содир бўлиши кутилаётган воқеалардан огоҳ этиларди, ҳам бақалоқнинг зиёфатидан ҳузур топар эди. Айнан шу миш-мишхонадаги гаплар унга баъзан чигал масалаларни ечишга ёрдам берарди. Зоҳид буни билгани учун ҳам жилмайиб:
— Раҳмат, акахон, — деди, сўнг Солиевга юзланди. — Мақсуд ака, бу топшириқни бажармасак бўлмайди. Фаҳмни чарҳлаб келайлик.

Бир неча дақиқадан сўнг уччовлари машинага ўтириб, эски шаҳар томон юрдилар. Бозордан ўтганларидан сўнг йўл бўйида икки-учта ғишт устига қўйилган бўш пиво идишлари кўринди.
— Кўча ҳаракатининг янги белгилари, — деди Зоҳид кулиб.
— Милитсияда энди иш бошлаганимда устозим бўларди, урушда жанг қилган, ҳалол инсон эди, — деди Солиев. — Аммо хаёлпарастроқ эди, бечора. Ўша одам, ҳадемай тўқчилик бошланиб, жиноят камаяди, дерди. Тўқчилик ҳам бошланди, эркинликни ҳам бериб юборишди. Мана аҳвол. Хоҳла молингни сот, хоҳла ўзингни сот. Пул топиб ўзингни хурсанд қилсанг бўлди.

Маёрнинг гапларини эшитиб келаётган Ҳамдам бир шумликни ўйлаб машинани тўхтатди. Пастга тушиб йўл ёқасидаги бўш шишаларни бир чеккадан йиғиштира бошлади. Тол соясидаги пиволи шишаларни олаётганида сал нарида турган хотин «ҳай-ҳай»лаб югуриб келди.
— Ҳой, балойи нафс, нима қилобсан?
— Мусодара қиляпман.
— Кимсан ўзинг, мусодара қиласан?
— Мелисаман.
— Кўрсат қоғозингни.
— Ана, — деди Ҳамдам машинани кўрсатиб.
— Бунақа мошин Ҳайдар жиннида ҳам бор.
— Қани юр, бўлмаса. Мошинга ўтир, Ҳайдар жиннини мелисада айтасан.
— Ҳа, балойи нафс, пивони қўй жойига. Ҳаққингни берай. Шуне сотмасам болаларем оч.
— Боланг ҳозир оч эмас, ёлғон гапирма. Ҳозир олиб бориб қамайман, кейин оч қолади.
— Ҳай, ҳай, совуқ гап гапирма, бачам. Ўртоғунг дуруст бача экан, сен нодуруст иш қилма.
— Қайси ўртоғим?
— Дониёр-да. Эрталаб келаде, ҳаққини оладе, кетаде. Қамайман, демайде, сенга ҳам берайинме?
— Дониёрни ҳам қамайман, — деди Ҳамдам жиддий тусда. Аёл: «Дониёрни қамаса каттароқ киши экан», деб ўйлаб, довдиради. Ҳамдам Дониёр деган йигитни танирди. Унга ҳам бир қитмирлик қилиб қўйгиси келиб аёлга қатъий тарзда буюрди: — Хў-ўш, бугунча сени қамамайман. Шу кўчадаги ҳамма чайқовчиларга айтиб чиқасан: агар шу ишни йиғиштирмасаларинг, Сибирга олиб бориб қамайман. Дониёрга ҳам айт, генерал келиб сени сўкди, деб айт.
— Иби, сиз гинролми?
— Ишонмайсанми? Қоғозимни кўрсатайми?
— Ишондим, ўртоқ гинрол. Ҳаммаси ест бўладе. Уйда халадийнада муздаги бор, олиб чиқайми? Сизга текун.
— Пора бермоқчимисан?
— Пора эмас, болангдан айланай гинрол. Ёрдамчиларингиз ичсун, дуо қилсунлар.
— Сен буюрган ишимни бажар. Машинанинг нўмерини кўрдингми? Ёдлаб ол, Дониёр сўрайди. — Ҳамдам шундай деб юкхонаси эшигини ёпди-да, машинага ўтирди. Аёл: «Бу ростдан гинрол бўлса, нима учун шиша йиғиштириб юрибди», деб ўйламади ҳам.

Машина юргач, Ҳамдам қилган ишидан завқланиб, хахолаб кулди.
— Дониёрни танийсан, а? Анави юмшоқ супурги-чи? Буларни соққани келганида хотиндан бу гапларни эшитади. Генерал ким экан, деб боши қотади. Машина номерини билгач, прокуратурадан ким келибди, деб пайтавасига қурт тушади.

Зоҳидга ҳам, маёрга ҳам Ҳамдамнинг бу шумлиги маъқул келиб, кулимсираб қўйишди.

Анҳор соҳилидаги пивохона бўш, кўйлаги тугмачаларини ечиб, елкасига кирланган сочиқ ташлаб олган хўжайин ҳисоб-китоб билан банд эди. Йўл четида тўхтаган «Волга»ни, ундан тушаётган Ҳамдамни кўриб, ирғиб ўрнидан турди-да, йўл-йўлакай кўйлаги тугмаларини солиб уларга пешвоз чиқди.
— Ҳисоб-китоб қалай, қуруғидан тушиб турибдими? — деди Ҳамдам у билан сўрашиб.
— Ҳа энди, сизлар бор, ҳисоб ҳам қойили мақом-да.
— Ҳисобинг биз билан эмас, лўлилар билан битади. Лўлилар пивофурушликни ўрганганларидан бери яйраб қолдинг, а?
— Ҳа энди, акахон, тирикчилик, ўзингиз биласиз. Жойни қаерга қилай?
— Шу сўрайдиган гапми? Мана бу йигитни танийсан, а?
— Ҳа. Акахон, камнамо?
— Бу ҳозир прокурорларнинг каттаси бўлиб кетган. Машинасини кўрдингми?
— Кўрдим, қойили мақом. Муборак бўлсин, акахон.
— Бу киши шу прокурорнинг устози. Билдинг, а, шунга қараб муомала қилавер.
— Муомаланинг зўри бизда-да. Чехникидан олиб қўйибман.

Улар пивохонанинг орқа томонига ўтишди. Хўжайин бақалоқ бўлгани билан чаққон эди.
— Акахон, каллангиз ғиж-ғиж ақл-да. Келиб жуда яхши қилибсизлар. Иссиқни қаранг, ямламай ютаман, дейди. Бугун қирқдан ошар, а?
— Шу ҳам иссиқми? — деди Ҳамдам. — Эллик бўлганда эди, суякларга сал иссиқ ўтарди.
— Гапни ҳам оласиз, а? — деб қоринларини селкиллатиб кулди хўжайин.
— Биз юз даражада қайнайдиган одамлармиз. Қирқинг нима экан.
— Гапни ҳам эзвордингиз.
— Ўзинг етмиш олти бўлиб олибсан шекилли?
— Ҳа энди, акахон, кеча кўпайиб кетган экан. Қултомитсиндан сабуҳий айламасак бош оғриқ босилмайди.
— Эшитдингизми? — деди Ҳамдам маёрга қараб. — Похмелни «сабуҳий» дейдилар, бу акам. Одамларнинг иссиғи ўттиз олти бўлса, бу акахонники ҳамиша етмиш олти. Ароқдаги қирқ даражани қўшиб юрадилар. — Ҳамдам унинг қорнига қўлини бигиз қилди. — Бу қорин эмас, рестораннинг омбори.

Солиев бу ҳазилдан кулиб қўйиб, пивохона хўжайинига зимдан назар ташлаб қўйди.

Муздек пиводан ичишаётганда хўжайин ғойиб бўлди. Дам ўтмай иккитадан нон орасига қўйилган кабобни кўтариб келди.
— Шуни тамадди қилиб туринглар. Димламани ҳам боплаб қўйдим. — У шундай деб изига қайтмоқчи эди, Ҳамдам тўхтатди:
— Янгиликлардан гапир.
— Янгилик унча йўғам. Кеча тўққизинчи қаватдаги битта жувон ўзини ташлабди. Аввал ўзини осмоқчи бўлган экан. Сал эси оғиброқ қолган экан, дейишди. Эри...
— Хўп, буни биламан.
— Бошқа гап йўқ, бўлмасам.
— Бордир, эслаб кўр. Битта одамни осиб, ёқиб юборишибди-ку?
— Э, уми?.. — Хўжайин сал довдираб Солиевга хавотир билан қараб қўйди.
— Гапиравер, — деди Ҳамдам унинг хавотирини сезиб. — Сени сўроқ қилгани келишгани йўқ. Димламангни мақтаб олиб келганман буларни. Хўш, одамлар нима дейишяпти?
— Ҳа, энди одамларни биласиз-ку?
— Гапни ямлама.

Хўжайин гапимни биров эшитиб қолмасин, дегандай қаддини сал эгиб, пастроқ овозда деди:
— Асадбекнинг одамини ўлдириб кетишганмиш. Асадбек уни ўз ўғлидай яхши кўраркан. Шунинг учун ўзининг уйидан чиқаришибди.
— Буниси ёлғон, — деди Ҳамдам. — Шеригининг уйидан чиқаришган.
— Эшитганимни айтдим, ўзимдан қўшмадим.
— Хўп, ким ўлдирибди?
— Бири у дейди, бири бу дейди.
— «У», «бу»нинг оти борми?
— Ҳосилбойваччанинг Шомил деган йигити бор экан, ўшанинг иши дейишяпти. Яна биттаси Мойсянмиди... ўшанинг одамлари ҳам чатоқ эмиш-да. Асадбек билан винзаводни талашишаётган экан.
— Яна?
— Бўлди.
— Бу димламангни хом пиширибсан. Гапларингга беш кетмадим. Бор, овқатга қара. Ҳа, шопирнинг қорнини тўйғаз. Юкхонада шишалар бор, лўли хотинларинг бериб юборишди. Сенга дуойи салом, ўша. Шунинг ҳисобига шопирга ҳам бер пивонгдан, уйига борганида ичар. Билиб қўй, ўша одамни Асадбекнинг ўзи ўлдиртирган. Яна бировга гуллаб қўйма.

Хўжайин узоқлашгач, Зоҳид Ҳамдамга норози қиёфада боқди.
— Нега ундай дедингиз? Гуллаб қўйма, деганингиз билан бугуноқ оламга ёяр?
— Менга шуниси керак-да. Шу гап Асадбекка етиб борсин. Буни асп юриш дейдилар.

2

Анвар Элчинни йўқлаб келганида чиндан ҳам хуш кайфиятда эди. У бир неча йилдан бери руҳиятдаги ўзгаришларни кузатиб, бу кун кайфияти яхши ё ёмон бўлишини тонгдаёқ сезадиган бўлиб қолган. Мана шу сезги руҳига ўзи хўжайин эмаслигини англатган. Баъзан сабабсиз ҳолда кўнгли равшанлашиб кетади. Баъзан эса ғашланади. Биров уни уришмайди, сўкмайди. Лекин кўнгли ғашланиб юраверади.

Бу тун уйқуси яхши бўлмаса ҳам тетик ҳолда уйғонди. Нонушта пайти чой узатаётган хотини ширингина жилмайиб қўйди. Мана шу жилмайиш унга ёқиб кетди, туйғуларини қитиқлаб уйғотди. Онаси бўлмаганида шартта туриб, бағрига олиши тайин эди. Онаси ҳам нонушта пайти насиҳатларини, ҳасратларини унутиб, Хонзода келинига ёшлигидаги ажиб воқеаларни сўзларди. Ишга отланиш чоғида хотини яна бир жилмайиш билан кўнглига навбатдаги чироқни ёқди. Бу сафар жилмайгани учун эридан мукофотини олди.
— Нимага эрталабдан жилмайиб қолдинг? — деди Анвар уни бағридан бўшатиб.
— Жилмайиб бўлмайдими, хўмрайиб юрайинми?
— Энди айтаман-да. Бекорга жилмаймассан?
— Бекорга эмас, ҳаққини олдим-ку?

Бу нозли гапдан сўнг бир жилмайишнинг ҳаққи икки ҳисса тарзида тақдирланди.
— Ойим айтдилар, эрингизга эрталабдан жилмайсангиз, уйингизга фаришта киради, дедилар.
— Яхши гап экан. Олдинроқ айтмайдиларми шу гапни.

Анвар кузатган: яхши кайфият билан уйдан чиқса, автобус ҳам дарров кела қолади, одам кўп бўлмайди, энг қизиғи — фақат чиройли қиз-жувонларни учратиб, кўнгли яйрайди. Аксинча, дили хуфтон тарзда чиқса, автобусни узоқ кутади, одам кўп бўлади, хунук қиз-жувонларни кўриб, ғаши келади.

Бугун малоҳатли қиз-жувонларни кўриш насиб этган кун эди. Автобусда, худди атайин уюштиргандай, биттагина жой бўш эди. Анвар гўзаллигини таъриф этмоққа сўз ожиз бир қиз рўпарасига ўтирди. Қараб қизни ҳижолат қилмай деса ҳам, кўзи қурғур бўйсунмади. Қиз бундай суқли қарашларга кўниккан ёки безиб кетганми, бепарво ҳолда дераза оша кўчага кўз тиккан эди. Анвар беихтиёр равишда:

Лабинг малоҳати ғавғо қўпорди оламдин,

Шакарни бўйла киши қайда кўрди шўрангиз, —

деб юборгиси келди-ю ўзини тутди. Манзилига етганида уни биров бўйнидан бўғиб туширгандай бўлди. Автобус изини кўзлари билан ўпди — чунки унда малоҳат соҳибаси бор эди. Ўпа туриб алам қилди: сен ҳам одаммисан, деб бир қараб қўймади-я!

Институтга кираверишда тўрхалта кўтарган ўрта ёш киши уни тўхтатди:
— Жиян, шу ерда ишлайсизми? — деб сўради у.
— Ҳа, — деди Анвар унга салом бериб.
— Менга бир одам керак. Холидий деган олим. Шу ерда ишлар экан?

Анвар бу номни эшитиб унга зимдан кўз югуртирди. Кўринишидан камбағалгина, соддагина киши. Тўрхалтада иккита китоб. Белбоққа ўралган нарса нон бўлса керак. Шимлари ғижим. Поездда шу ҳолда етгандир. Ювилавериб ҳолдан тойган кўйлак ёқасининг учлари шойигулнинг баргларига ўхшаб буралиб қолган. «Қариндошига ўхшамайди. Қизиқ, нимага керак экан?»
— Холидий домлангиз ҳали келмагандирлар. Иш вақти бўлгани йўқ.
— Чой-пой ичиб келсаммикин? Икки соатдан бери шу ердаман. Поезддан тушиб тўғри келаверган эдим.
— Ие, шунақами, юринг, бўлмаса, чой-пойни бирга ичамиз.

У «қандай бўларкин?» деб истиҳолага бориб ўтирмай, Анварга эргашди. Анвар хонага кириб чой қўйди. У киши тўрхалтадан белбоғни олиб, очди. Битта нон, уч-тўрт қант-қурсни ўртага қўйди. Нонни синдирди-да:
— Олинг, жиян, мозорбосди, — деди.

Чой ичаётган маҳалда Анвар сўрамаса ҳам, ўзи муддаога кўчди:
— Мен мактабда тарихдан дарс бераман. Уч-тўрт кун бурун битта китобча қўлимга тушиб қолди. Чиққанига анча бўлган экан. Мана, — у тўрхалтадан китобчани олиб Анварга узатди. — «Қишлоқларда Совет ҳокимиятини мустаҳкамлашда партия ячейкаларининг рўли» экан.
— Биламан, кўрганман, — деди Анвар, китобни қўлга ҳам олмай.
— Билмайсиз, жиян, — деди меҳмон китобни варақлаб. — Китоб асосан Шотўра, Султонобод, Мушткетди қишлоқлари мисолида ёзилган. Битта гапи ҳам ҳақиқатга тўғри келмайди.
— Унчалик эмасдир, — деди Анвар. — Шу иши учун бу одамга фан дўктўри деган илмий унвон берилган.
— Э бало берилмайдими, менга деса! Ёлғон гаплар ёзилган деяпман-ку, сизга! Ўн етти-ўн саккизинчи йилларда бу қишлоқларда партиянинг урвоғи ҳам бўлмаган. Партия нималигини билишмаган. Ҳамзанинг «Фарғона фожиаси» деган асарини эшитганмисиз? Фақат ўқиганман, деб ёлғон гапирманг.
— Ўқиганман, десам нега ёлғон бўлади?
— Ана кўрдингизми, сиз ҳам бунинг тарихини билмайсиз. Бу асарнинг номигина қолган, холос. ЧеКа уни ўша йиллариёқ йўқ қилиб юборган. Бу асарда Ҳамза дашноқларнинг ёвузлигини тасвирлаган экан. Томошани Тошкентда бир мартагина кўрсатишган. Иккинчисида ЧеКа босган. Кейин Турккомиссия Фарғонани текшириб, Ҳамзани ҳақ деб топган. Дашноқларга чора кўргандай бўлишган. Ана ўшандан кейингина маҳаллий миллатдан партияга олиш керак, деган масала кўтарилган. Биринчи болшевик пайдо бўлганда босмачиларни қириб битиришган эди. Холидий деганингиз тарихчими ўзи?
— Ў, нимасини айтасиз, тарихчи бўлганда ҳам зўрларидан.
— Э, ўргилдим.
— Чойни ичиб бўлганга ўхшайсиз, а? Мен сизни бир хонага кузатиб қўйсам. Ўлмас Акром деган бир йигит шу даргоҳнинг хўжайини. «Менга Холидий домла кераклар, китобларини ўқиб, атай йўқлаб келдим», дейсиз. Бошқа гапни айтмай турасиз. Холидийни дарров чақиртиради. Ана ундан кейин айтасиз.

Анвар шундай деб уни қабулхонага бошлади. Котибага меҳмонни таништиргач, изига қайтди. Яна бир неча дақиқадан сўнг содир бўлажак воқеани кўз олдига келтириб ўзича жилмайиб қўйди: ...аввалига Ўлмас Акром ҳам, Холидий ҳам қувонади. Китобимни ўқиб, зиёрат қилгани келибди, деб талтаяди. Сўнг... тарих ўқитувчисидан эшитадиганини эшитиб, етти қават териси шилиниб тушади. Ўлмас тарих ўқитувчисини «иззат-икром билан» кўчага қадар кузатиб қўяди. Сўнг котибадан меҳмонни ким бошлаб келганини сўрайди...

Кўп ўтмай ҳамхоналари келишди. «Энг кичик илмий ходим» Анвар билан саломлашиб, ҳол-аҳвол сўрагач, китоб варақлашга тушди. «Э ғофил банда, — деб ўйлади Анвар, — тарих илмини сувдек ичиб юборсанг ҳам, Холидийга муте бўлиш илмини эгалламасанг, шу ҳолда қоғоз титиб умрингни ўтказасан. Сен ишга вақтида келдинг. Аҳмоқ бўлиб жойингда ўтирибсан. Бошқаларга қара, даҳлизда туришибди. Устозга салом бериш учун унинг йўлини пойлашяпти. Улар тарихни титгани эмас, устозларини зиёрат қилгани келишади. Сен аҳмоқ эса, зиёрат қилишга бўйнинг ёр бермагани учун кичик илмий ходим маоши билан пенсияга чиқасан. Ўлганингда миянгни очиб қарашса, ғиж-ғиж ақлни кўришади. Академик бўлса керак, деб ўйлашади. Сен эса кичик илмий ходимсан. Афсуски, ақлни тирикликда ҳам, ўлгандан кейин ҳам кўриб бўлмайди...»

Гулнора кириб, Анварнинг хаёли бўлинди. У шошиб кириб, шошиб саломлашиб, сумкасидан бир нимани шошиб олди-ю, шошиб чиқди. «Устоз келгунга қадар, пайтдан унумли фойдаланиб, сотадиган матахини кўрсатиб олиши керак», деб ўйлади Анвар.

Анварнинг мўлжалидаги ярим соат ўтгач, даҳлиздаги ҳаракатлар тинди-ю, эшик очилиб, кадрлар бўлимининг мудираси кўринди. Анвар уни кўргани ҳамон, қизиқ ҳангомани келган жойидан давом эттираётгандай гап бошлади:
— Сиз ишонмайсизу Собиржон, бўлган воқеа эмиш, — деди «енг кичик илмий ходим»га қараб, — қассоблар дўмбоқ хотинларни ўғирлаб, сўйиб сотишаётган эмиш. Мана, кеча кечаси бир эркак заҳарланиб ўлибди. Бозордан олган гўштдан заҳарланибди. Текшириб қарашса, ўз хотинининг гўшти экан. Қаранг-а, баъзи хотинларнинг, — Анвар шу сўзларни чертиб-чертиб айтди, — гўшти заҳарли бўларкан, а?
— Сиз менинг орқамдан юринг, — деди мудира жеркиб.
— Қаёққа? Жиннихонагами? — деди Анвар ўрнидан туриб.
— Очиқ гўрга, ундан ҳам нарига, — деди мудира жаҳл билан.
— Очиқ гўрдан нарига бўлса, демак, директор чақираётгандир...

Анвар янглишмаган эди. Мудира уни кузатиб кириб «Яна хизмат борми?» дегандай бошқонга қаради. Ўлмас Акром «ишингизга бораверинг» дегач, бурилиб чиқди.

Анвар бир нарсада — бу суҳбатда Холидий ҳам иштирок этар, деб янглишган эди. Ўлмас Акромнинг ёлғизлигини кўриб, кўзига тикилганича жилмайди.
— Бугун хурсандга ўхшайсанми? — деди Ўлмас Акром.
— Жиннилар шунақа бўлишади. Бекордан-бекорга кулаверишади.
— Жиннилигингни бошқа ерда қил. Ҳалиги ўқитувчини сен бошлаб келдингми?
— Қайси ўқитувчи?
— Ўзингни гўлликка солма.
— Ҳа, эрталаб бир киши турган экан. Икки соат пойлабди, бечора. Устознинг китобларини ўқиган экан, зиёрат қилгани келибди. Ҳар ҳолда қора халқ-да. Халқ ўз отасини кўргиси келса, айбми? Шу ерда пойланг, деб бошлаб келдим. Нотўғри қилибман-ми?
— Анвар, сени бошқалар билмаса ҳам мен яхши биламан. Нималарга қодир эканингни ҳам биламан. Юрагингда нималар яширингани ҳам менга маълум. Майнавозчиликни йиғиштир. Устоз билан олишма. Ўзингни ўйла. Олдинлари сен айтмоқчи бўлган гапларга йўл йўқ эди. Энди ҳамма дарвозалар очилди. Истаганча гапир, истаганча ўрган, истаганингча илм қил. Фурсатдан фойдаланиб қолсанг-чи?!
— Чиройли гапиряпсан. Истаганча илм қилиш мумкин, тўғри. Лекин сен истаган илм жамиятга кераксиз бўлса-чи?
— Майдалашма!
— Хўп, майдалашмайман. Унда сен менга бир масалани ечиб бер: қадим-қадимда аждодларимиз одам гўштини оддий таом сифатида ейишган. У дамларда ёввойи бўлишган, нодон бўлишган. Улар қорин тўйдириш учун бир-бирларини аввал ўлдириб, сўнг гўштларини еганлар, тўғрими? Хўш, энди-чи? Бир-бирларининг гўштларини тирик ҳолда емайдиларми? Тирик ҳолда еб битирадилар. Алҳазар!
— Ҳамиша шундай бўлиб келган. Буни ўзинг яхши биласан. Фалсафа сўқимай қўяқол. Мен сенга дўст сифатида айтяпман бу гапларни.

Анвар унга тикилиб қаради: «Астойдил гапиряптими ё тил учида гапириб аврамоқчими? Ё устозининг топшириғини бажаряптими?» Шу нафаснинг ўзида ғойибдан бир овозни эшитгандай бўлди: «Нима учун ҳаммадан хавфсирайверасан? Нима учун одамларнинг холисона яхшилик қилишларига ишонмайсан?» Ўлмас Акромга нисбатан кўнгли юмшай бошлаган маҳалда бошқа бир овоз гулдираб келди: «Ишонма, айтаётган эркинлигига ҳам ишонма. Меҳрибонлигига ҳам ишонма. Жону дили амал, шуҳрат бўлган одамдан яхшилик кутма!..»

Шу овоз кучлилик қилиб, юмшай бошлаган дилни яна тошга айлантирди.
— Ишонмайман, — деди у беихтиёр.
— Нимага ишонмайсан?
— Гапларингга. Масалан, эркин равишда илм билан шуғулланишимизга. Тизгин Масковда экан, эркинлик ҳақида гапирмай қўяқол.
— Гапни сиёсатга бурма.
— Ана, кўрдингми, дарров қўрқасан. Бизда илм билан шуғулланиш эркинлиги йўқ. Бизда амалпарастлик эркинлиги, дунёпарастлик эркинлиги, ҳақиқат кўзига чўп тиқиш эркинлиги, лаганбардорлик эркинлиги бор. Булардан устозинг тўла фойдаланиб, маза қилиб яшади. Энди сен шундай яшайсан. Сўнг сенинг шогирдинг. Шундай кетаверади занжир реактсияси бўлиб. Сенга бир ҳикматли гап айтайми?
— Бўлди қил, бошимни ғовлатиб юбординг. Сен билан гаплашган одам барака топмайдиган бўлиб қолибди. Сен илмда орқада қолиб кетаётганинг учун бошқалардан гина қилма. Айб ўзингда, бутун кучингни жағларингга берибсан. — Ўлмас Акром столи устидаги бир варақ қоғозни олиб, унга узатди. — Хавфсизлик қўмитаси архивидан фойдаланмоқчи эдингми? Рухсат беришди. Мана бу одамга телефон қилиб, истаган пайтингда боришинг мумкин.

Анвар қоғозни олиб буклади-да, эътиборсиз нарсадай чўнтагига солди.
— Кетаверайми?
— Ҳа.
— Гапим ичимда қолмасин, ҳалиги ҳикматни айтай: бу жинниларнинг гапи эмас: «Саҳли Суълукий дебтурки, ман тасаддара қабла авониҳи фа қад тасаддо ли ҳавониҳи». Англадингми?
— Тушундим, бор кетавер.
— Йўқ, тушунмадинг. Тушунганингда сапчиб кетардинг. Мени тезроқ чиқариб юбориш учун шундай деяпсан. Бу ҳикматнинг маъноси шуки, кимда-ким вақтидан олдин бошлиқ бўлса, ўзининг хорлигига мутасадди бўлади. Яна ҳам содда айтилса, лаёқатсиз одам бошлиқ бўлиб олса, одамлар кўзи олдида ўзини- ўзи хорлаган бўлади.
— Йўқол, аҳмоқ!
— Ана, айтдим-ку, тушунганинг энди аён бўлди, — Анвар унга бир жилмайиш ҳадя этиб, хонадан чиқди.

У жиннихонада ўтган ҳар бир куни учун булардан шу зайлда ўч оламан, деб ўйларди. У ўз назарида ҳужумга ўтган, булар эса ҳимояда эдилар. Булар Асадбек номини эшитибоқ гангиб қолдилар, деб ўйларди. Унинг кўп нарсаларга етадиган ақли Холидийни гангитиш мумкин эмаслигига етмас эди. Холидий ажабланиши мумкиндир, аммо гангимайдиган тоифадан эди. Анвар жиннихонада нур билан гаплашганида эшитганларини унутаёзган эди: «Сен унинг келажакни кўра билиш хусусияти борлигини билмайсан. Унга эртага нима бўлиши маълум». Анвар Ўлмас Акромнинг жиғига тегаётганида Холидий уни кўздан йўқотиш чораларини излаётган эди.

3

Анвар пешинга қадар хуш кайфиятда юриб, тушликдан сўнг архивга бориш учун рухсат сўраб кетди. Ўлмас Акром алдамаган эди, чиндан ҳам архивда истаган ҳужжатни берадиган бўлишди. У бувасига оид маълумотни кўриш истагини билдирган эди, икки кун ичида топиб қўядиган бўлишди. Ишга қайтишни ихтиёр қилмай, Элчинни кўргиси келиб, унинг уйига йўл олди. Ўтган куни ҳам уйида ҳеч ким йўқ эди. Бугун ҳам дарвоза берк. У дўстига ҳазилнамо нома битди-да, найча қилиб ўраб, калит солинадиган тирқишга тиқиб, уйига жўнади.

Хотинининг ишдан қайтишини кутмай, ўзи ошга уннади. Оқшом чоғи уйга кириб келган Хонзода эрини ошхонада кўриб «кўз тегмасин-эй» деб кулимсиради.
— Эрталабки жилмайишингнинг ҳаққини адо этяпман, — деди Анвар.

Ош сузилаётган дамда Элчин кириб келди.
— Қайнотаси суйган йигит ош сузилганда кириб келаркан, — деди Анвар унга пешвоз чиқиб. Анвар унинг ғашига тегиш учун атайин «қайнона» эмас, «қайнота» деган эди. Элчин ҳозир қитмирликни кўтарадиган аҳволда эмасди. Шу сабабли дўстига хўмрайиб қаради. Анвар ҳам ҳазили ўринсиз бўлганини сезди. Элчиннинг ёноғидаги кўк доғни кўриб: «Ҳа, тинчликми?» деди. «Ўтин тегиб кетди», деди Элчин тўнғиллаб. У Рисолат кампир билан сўрашиб чиққач, меҳмонхонага ўтишди. Ош икки лаганга сузилди. Элчиннинг қорни оч бўлса-да, томоғидан овқат ўтиши қийин эди.
— Биз кундошларга ўхшаб қолибмиз. Менинг кайфиятим яхши бўлса, сеники чатоқ. Сеники яхши бўлса, меники чатоқ. Нима гап, дилингни ёрсанг-чи?
— Ўзи ёриладиган бўлиб турибман.
— Ичасанми?
— Борми?
— Топамиз. Лекин мени зўрламайсан.
— Зўрлаган — ўғри.

Анвар китоблар орасига яшириб қўйган шишани олиб очди-да, пиёлани лим-лим қилиб тўлдирди. Элчин бир кўтаришда ичиб, хўрсиниб қўйди. «Дарди оғир, ошнамнинг», деб ўйлади Анвар.
— Қуй яна.
— Ошдан е.
— Олдин қуй, кейин ейман.

Элчинни эзаётган дард икки пиёла ароқнинг кучи билан тарқайдиган анойи дардлардан эмасди. Элчин ароқни ичиб бўлганидан кейин ҳам ош емади, тунд ҳолда ўтираверди. Анвар ҳам тоқат қилиб, унинг гап бошлашини кутди. Ароқ деганлари дардни енгиллатмаса ҳам одамни сайратади. Ниҳоят, Элчин тилга кирди. У Анварга эмас, худди ўзига-ўзи гапиргандай сўзларди:
— Менинг суратим одам... Аслида мен илон бўлишим керак эди. Уларни бўғиб қийнашим лозим эди, қонларини сўриб лаззат топмоқчи эдим. Мен уларнинг кўзларини ўймоқчи эдим, тилларини суғуриб, қўлларини синдириб, қулоқларига қўрғошин қуймоқчи эдим. Умримнинг мазмуни шу эди... Илонман, десам... чувалчанг эканман... мен уларни бўғиб роҳат қила олмадим...
— Йиғла, тўйиб-тўйиб йиғла, жуда ярашар экан, — деди Анвар кесатиб.
— Анвар, сен индамай ўтириб қулоқ сол. Мени аҳмоқ қилишмоқчи. Жамшиднинг ўлимини менинг бўйнимга илишмоқчига ўхшайди.
— Жамшидинг ким?
— Асадбекнинг содиқ қулларидан эди. Мен уни ўлдиришим керак эди.
— Сен? Нима учун?
— Шунинг учунки... у... у... Ҳароми...
— Бўлди, тушундим.
— Ҳа... тушундинг... Уни ўлдиришибди. Худди Шилимшиққа ўхшатиб...
— Шилимшиқ ким?
— Индамай ўтир, дедим сенга... Шилимшиқни мен ўлдирган эдим. Қара-я, уни қармоққа ўзлари илинтириб, шундай тайёргина қилиб менга тортиқ қилишувди. Нимага шундай қилишганига ўшанда ақлим етмабди. Мақсадлари Жамшид экан... Зайнаб шу ҳаромини яхши кўрар экан. Ўзини осибди-я!..
— Ўлибдими?
— Йў-ўқ... у ўлса ҳозир мен бу ерда ўтирмас эдим. Ўлигим ахлатхонада ётган бўларди. Зайнаб тирик экан, мен тирикман. Мен уни... яхши кўра бошлаган эдим... Одам кепатасига кира бошлаган эдим... Балки у алам устида ёлғон гапиргандир, а? Лекин барибир дилни яралади. Бу яра тузалмайди.
— Агар қотилликни сенинг бўйнингга илишмоқчи бўлишса, айтиш керак.
— Кимга?
— Кимга? — Анвар ўйланди, бирдан эсига Зоҳид тушди. — Акамнинг бир шогирди прокурор бўлган. Ҳалол бола. Олиб борайми?
— Йў-ўқ, аралаштирма уни. Мен Асадбекдан қўрқмайман. Охиригача олишаман. Ўлсам ўларман, ўлишим аниқ, аммо орқага чекиниш йўқ. Қуй яна.

Элчин пиёла бўшатиб ўрнидан турди.
— Бўш келиш йўқ, оғайни, сен гапларимни унут. Дардимни сенга тўкдим, ўрнига адоват уруғини сепдим. Бу уруғ ҳадемай униб чиқади, кўрасан.

Элчин шундай деб бир оз гандираклаган ҳолда уйдан чиқди. Анвар кузатиб қўймоқчи эди, унамади. Шу бўйи ярим тунгача тентираб юрди.

Анвар эрталаб барвақтроқ йўлга чиқиб прокуратура томон кетди.

V боб

1

Пивохонадан чиқиб машинага ўтиришгач, Ҳамдам ҳамроҳларига сақич узатди:
— Пивонинг ҳидини олади. Ҳар ҳолда ишга борарсизлар, а?

Машина ўрнидан жилгач, Зоҳидга қараб деди:
— Намозовнинг уйида яқин орада бўлдингми? Ўша кўчадан ўтиб кетайлик.

Зоҳид унинг мақсадини Шариф Намозов яшайдиган кўчага бурилишганда англади. Лола кўчасида кўкрак кериб турган иморатлар қаторида бостирмага ўхшаб ғарибгина кўринувчи уй олди қурилиш майдонига айланган эди. Ёғочлари чирий бошлаган эски дарвоза энди темирдан бўлибди. Сувоқдан чиққан болохона эса савлат тўкиб турибди. Пештоқсиз уй томи очиб ташланган, офтобнинг ўтли нафасига қарамай, усталар ишлашяпти. Машина уй қаршисидан ўтаётганида секинлади, аммо Ҳамдамнинг буйруғи билан тўхтамади. Дарвоза олдида Насиба қўшни аёл билан суҳбатлашиб турар эди. Эри қамалиб чиққанидан бери, айниқса катта қурилиш бошланганидан бери атрофдаги ҳар бир ҳаракатга чўчиброқ қарайдиган бўлиб қолган бу аёлнинг секинлаб ўтаётган «Волга»ни сезмаслиги, Зоҳид билан Ҳамдамни кўрмаслиги мумкин эмасди. Насиба уларни кўрди, таниди. Гапираётган гапидан адашди, ранги ўзгарди. Қўшни аёл буни сезди. «Нимани кўриб бунчалик ўзгарди?» деган муаммо билан орқасига ўгирилди.

Ҳамдамнинг режасида Насибага дуч келиш кўзда тутилмаган эди.
— Бизни кўргани яхши бўлди, — деди у. — Эри келиши билан айтади. Намозовнинг тинчи бузиладиган бўлди.
— Бугун нечта арининг уясига чўп суқдинг ўзи?— деди Солиев кулиб.
— Мен манови одил прокурорга ҳақиқат қанақа бўлишини кўрсатиб қўймоқчи эдим. «Бу одам олим экан», деб бино қўйган эди. Мана, олимнинг аҳволи. Олимда ҳам жиғилдон бор, жигарим. Сенга маслаҳатим: буни ҳам тинч қўйма. Бурчакка сиқиб олиб боравер. Шундай сайраб берадики... Асадбек қафасга тушиб қолганини ўзи ҳам билмай қолади.
— Сенинг ишинг осон, — деди Солиев. — Кўрдинг, гирибонидан бўғдинг, қафасга тиқдинг.
— Ҳамдам ака қадим замонда миршаб бўлишлари керак эди, — деди Зоҳид, маёрни қувватлаб. — Ўғрини ушлардилару қўлларини кесардилар, тамом-вассалом.
— Қадим замонда сен ўйлаганчалик бўлмаган, — деб эътироз билдирди маёр Солиев. — Жиноятчини қози сўроқ қилган, гувоҳларни эшитган. Гуноҳ аниқ исботланганидан кейин жазо берган. Каттагина подшолик зиндонига нари борса ўттиз-қирқ одам сиғади. Темур замонасида ўғирлик деган нарса унутилган экан. Бир бола бошига бир товоқ олтин қўйиб мамлакатнинг кунчиқар чегарасидан пиёда юриб кунботардаги чегарасига етгунча йигит ёшига етаркану аммо товоқдаги олтинга биров тегмас экан. Бундан хулоса шуки, қадим замонда ҳукм қатъий бўлган. Одамлар гуноҳлари учун қандай жазо олишларини билганлар, билганлари учун қўрқиб, ўзларини тийганлар. Ўғирлик қилдими, гуноҳи исботландими, тамом, қўли кесилади. Бошқача жазо бўлиши мумкин эмас. «Бу ўғри бекнинг амма-холасига жигар экан, жазони енгиллаштиринг, илтимос, қўлига игна санчиб қўя қолинг» дейилмаган. Яқинда бир йигитча «ўтмишда темир қошиқ бўлмаган, шавлани қандай ейишган, а» дейди. Сенларнинг гапларинг ҳам ўша боланикидан қолишмайди. Назарларингда одил суд ўн еттинчи йилдан кейин пайдо бўлган, а?
— Энди биз билганимизни гапирамиз, ака, — деди Ҳамдам. — Лекин қадим замонда фақат адолат бўлган, деган гапингизга қўшилмайман. Гуноҳни исботлаш учун иккита гувоҳ керакмиди? Ўша замонда иккита аҳмоқ, иккита ғаламис, иккита иғвогар топилмаган, дейсизми? Минглаб каллалар ўша ғаламисларнинг гувоҳлиги билан узилгандир? Зиндонда кам одам бўлишига бошқа сабаб бордир. Подшолар жиноятчиларни қайта тарбиялаш билан шуғулланишмагандир. Жиноят қандай жазога лойиқ? Ўлимгами? Кесилсин, осилсин, чопилсин, тамом! «Беш йилдан ўн йилгача ахлоқ тузатиш колониясига юборилсин» деган гап бўлмаган, дейман, а? Улар тўғри қилишган. Мана, Асадбекни юз йил ахлоқ тузатиш колониясида сақланг, фойда бўлармикин?
— Адашганлар-чи? — деди Зоҳид, унинг гапини бўлиб.
— Адашганларми? — Ҳамдам бир оз ўйланди. — Агар чиндан ҳам адашган бўлса, кечириш керак. Агар адашган одам қамалса, ўндан бири тузалади, бир қисми аламзада бўлади, бир қисми қамоқдаги «жиноят малака ошириш курсида» таълим олиб чиқади. Лекин ким адашди, ким астойдил тавба қилди, билиб бўлмайди-да. Сен раҳм қилган одамни биттаси шу Намозовми? Энди у тамом бўлган олим. Ҳалқумини ҳаром қилдими, энди нафсини ўлса ҳам тиймайди.

Машина депара ички ишлар бўлими қаршисида тўхтаб, Ҳамдам тушиб қолди. Кўп ўтмай маёр Солиев машинани тўхтатди. «Ҳамдам билан қиладиган ишим бор», деб у ҳам тушди.

2

Зоҳид Чувринди билан учрашувга тайёрланиш учун атайин барвақтроқ келаётган эди. У Маҳмуд Эҳсоновни Элчиннинг тўйида кўрган эди. У ҳақда жуда оз нарса биларди. Билганларининг қай бири ҳақиқат, қай бири миш-миш, ҳали фарқига бормаган эди. Дастлабки учрашув чигални ечишдаги дастлабки уриниш бўлмоғи мумкин. Зоҳид шу соҳага кирганидан бери кўп одамни сўроқ қилди. Лекин бугунгисининг бошқачароқ бўлишини кўнгли сезарди. Ҳар ҳолда лақаби «Чувринди» бўлгани билан киссавур ёки йўлтўсар эмас, ҳатто, бу олам ибораси билан айтилганда, «торпедо» — бир-икки пулдорни ҳимоя қиладиган зўрлардан ҳам эмас. Асадбеклар ҳақида сўз кетгудай бўлса, маёр Солиевнинг унга ҳамиша юқори баҳо бериши бежиз эмасдир.

«Тарози палласини у томон босиб турибди, — деб ўйлади Зоҳид. — Мен улар ҳақида оз нарса биламан, улар эса мени беш қўлдай яхши билишади. Ҳатто акамнинг қотилларигача билишади. Мен уларни жиноятчи деб гумон қиляпман. Менга тегишли тарози палласида фақат гумон бор. Гумон пуфакка ўхшайди. Шишиб, баҳайбат тус олавериши мумкин, аммо тош босмайди. Аксинча, вақти келиб ёрилса, одамни шарманда қилади».

Зоҳид шу хаёллар билан идорасига яқинлашиб, Анварни кўрди-ю, ажабланди. Ҳатто «бирон кори ҳол бўлдимикин?» деб хавотирланди.
— Ҳабиб ака тинчмилар? — деб сўради салом-аликдан сўнг.
— Ҳабиб акангизнинг ишлари беш. Масковдан нари Лондонга жўнаб қолибдилар. Халқаро академияга аъзо бўладилар, деган хабар эшитдик.

Зоҳид Анварни ичкари бошламоқчи бўлди. Анвар ишга шошаётганини баҳона қилиб, унамади.
— Кеча бир гап эшитиб, шуни айтгани келган эдим, — деди у, соатига қараб олиб. — Тунов куни бир одамни осиб ўлдириб, ёқиб юборишган экан, эшитгандирсизлар?
— Эшитдик, — деди кулимсираб Зоҳид.
— Ҳа-я, — деди Анвар ҳам кулимсираб, — сизлар эшитмаган, билмаган гап бўлмайди-ку. Хуллас, ўша йигит Асадбекнинг одами эмишми?
— Шунақа миш-миш бор.
— Аниқ гап эмасми, ҳали?
— Исботланмаган гап биз учун миш-миш.
— Хўп, миш-миш бўлса бўла қолсин. Менинг бир жонажон дўстим бор, Элчин, эшитганмисиз? Ўша Асадбекнинг куёви бўлган. Ўн йил ўтириб келди.
— Эшитганман.
— Лекин бегуноҳ қамалганини билмайсиз. Хотинини ўлдирмаган эди.
— Туҳмат билан кетганмиди?
— Балки туҳматмасдир. Айбни бўйнига олган, у ўжар. Нимага шундай қилганини мен ҳам тушунмайман.
— Бўйнига олган бўлса... балки жаҳл устида ёки кайфда...
— Йў-ўқ, унақа боламас у. Одам ўлдиролмайди. Одам ўлдириш осон эканми?
— Қийинми?

Анвар «калака қиляптими ё жиддий сўраяптими?» деб ўйлаб Зоҳидга қаради. Зоҳиднинг кўзларида қувлик нишонаси йўқ эди. Шу сабабли саволга жавоб беролмай ўйлашга мажбур бўлди.
— Билмадим, — деди ниҳоят. — Ҳар ҳолда қийин бўлса керак. Одам қўй эмас, пичоққа бўйнини тутиб берадиган... Гапнинг қисқаси, Асадбек куёвидан гумонда экан.
— Қанақа гумон?
— Тушунмадингизми? Менинг ўша ўлдирилган одамимда қасдинг бормиди, дегандай қилибди.
— Нима учун гумонсирайди?
— Ҳайронман... билишимча, Ноиланинг ўлимида унинг ҳам ҳиссаси бўлгандир-да.
— Буни дўстингиз айтдими?
— Йўқ, бу ўзимнинг гумоним, — Анвар шундай деб Зоҳиднинг жиддий тикилиб турган кўзига қараб, кулимсиради.
— Нимага куляпсиз? — деди Зоҳид ажабланиб.
— Яхши ҳам хонангизга кирмаганим. Тикка туриб олиб шунчалик сўроққа тутяпсиз, ичкарида кечгача тергов қиларкансиз-да, а?
— Ишимиз шунақа-да, хафа бўлманг.
— Ҳазиллашдим. Бу ерга келишимдан мақсад — ўша ўлим билан шуғулланадиган одамни танисангиз тайинлаб қўйсангиз, Элчиндан гумон қилиб юрмасин, иғволарга учмасин. Асадбекдан ҳар балони кутиш мумкин-да. Кўр ҳассасини бир марта йўқотар экан, кўзи очиқлар икки марта йўқотмасин, тағин.
— Яхши, айтиб қўяман. Лекин... ўртоғингизни сўроққа чақиришга тўғри келади-да.
— Нима учун?
— Ҳақиқатни ойдинлаштириш учун. Уни гумондан халос этиш учун.
— У одам ўлдирилганида Элчин Фарғонада эди. Кеча келди. Мен ўзим икки марта уйига бордим. Дарвозаси берк эди.
— Сиз хавотир олманг, бегуноҳ одамни гумонга қурбон қилдириб қўймасмиз.

Анвар хайрлашиб, изига қайтар чоғида Зоҳиднинг саволларини бир-бир эслаб, «оғайнимга ёрдам бераман, деб ишини чалкаштириб юбордим шекилли», деб келганига пушаймон еди.

Зоҳид учун эса бу кутилмаган учрашув, кутилмаган гаплар калавани яна чигаллаштирди. «Ҳамонки Асадбек куёвидан гумонсирабдими, бунда бир гап бор, — деб ўйлади у. — Ажаб... нима учун айнан Жамшидни ўлдирди, деб гумон қиляпти? У ҳолда Жалол Комиловни ким ўлдирган? Куёвидан гумонсирадими, демак... гуруҳлар уруши эмас бу. Унда Мақсуд аканинг фикрлари тўғри бўлиб чиқади. Гуруҳлар ҳали олишув учун пишиб етилмаган, олишувнинг бошланишига асос йўқ ҳали. Хўш, унда ким? Балки бирон-бир гуруҳ Элчинни ўзига оғдириб олишга ҳаракат қилгандир. Асадбекнинг гумони шундадир?...»

Зоҳиднинг хаёли Чувринди келгунига қадар шу муаммолар билан банд бўлди. Маҳмуд Эҳсонов айни айтилган вақтда, бир дақиқа нари-бери қилмаган ҳолда келди. У билан бирга хонага ёқимли атир ҳиди ҳам кирди. Чувринди кун иссиқ бўлишига қарамай, оқ-пуштига мойил костюм кийган, қизил галстук боғлаб олган эди. Сочларини силлиқ тараган, ўнг қўлининг кўрсаткич бармоғига тилла узук таққан одамни биров «Чувринди» деб чақирса, кулгили ҳолат юз берарди.

Чувринди башанг кийингани билан ҳаракатида, қарашларида, ҳол-аҳвол сўрашаётганидаги овозида кибр сезилмади. Унинг бу қадар маданиятли бўла олишини Зоҳид ҳатто ўйлаб ҳам кўрмаган эди.

Уларнинг орасида — уриниброқ қолган ёзув столи. Аслида, ҳаётнинг қитмирликлари олдида ожиз қолишмаганида илм бобида баҳс юритиши мумкин бўлган икки одам прокуратура маҳкамасида юзма-юз ўтирар эди. Юзаси иссиқ чойнак изларидан доғланган бу стол жуда кўп одамни кўрган, аммо илм кўчасидан нари кетишга мажбур бўлганларнинг учрашувига энди гувоҳ бўлгандир. Уларнинг тақдирларида юзма-юз келиш бор экан. Маълум бир нуқтада илм кўчасидан бурилмаганларида эди, айни фурсатда қайси бир илмий кенгашда даврнинг муҳим илмий муаммоси бўйича баҳс юритган бўларми эдилар. Зоҳид ярим йўлда бошқа кўчага бурилди. Чувринди ҳали илм кўчасига яқин ҳам келмаган эди. Катта шаҳарга ўқирман, деган умидда келди-ю, бошқача «ўқиш»га кириб қолди. Бу «ўқиш»ни аъло даражада адо этгани учун «муаллим»лари уни ўз ёнларида олиб қолдилар. Унинг зийрак ақли қачондир шу маҳкамада сўроқларга жавоб беражагини биларди. Шу сабабли остона ҳатлаётганида гувоҳ сифатида чақирилганига шукр қилиб қўйди.
— Ёлғон гувоҳлик бериш қонун бўйича жазоланажагини эслатиб қўймоқчиман, — деб гап бошлади Зоҳид, расмий оҳангда.

«Баланд дорга осилмоқчига ўхшайди-ку», деб ўйлади Чувринди. У Зоҳидга бир оз тикилиб турди-да, кулимсиради.
— Ёлғондан Худонинг ўзи асрасин. Ёлғон гувоҳлик бериш учун атай келган аҳмоққа ўхшайманми?
— Бу ерга фақат аҳмоқлар келади деб ўйлайсизми?

Саволга савол билан берилган жавоб Чувриндини зийрак торттирди. Гарчи у айни дамда кибрдан узоқ бўлса-да, Зоҳидни менсимай турган эди.
— Айтдим-қўйдим-да, — деди у, ҳазил оҳангига кўчиб.
— Расмиятчилигимиз шунақа, узр, — деди Зоҳид, гап оҳангида бир поғона пастга тушиб. Сўнг қоғоз-қалам олиб, расмиятчилигини давом эттирди. — Исми шарифингиз, туғилган йилингиз...

Чувринди айтиб турди, у ёзди. Расмиятчилик тугагач, асосий мақсадга кўчилди:
— Жамшид Суннатуллаев кимингиз бўлади?
— Танишимнинг ўғли.
— Нима учун сизникидан чиқарилди?

Чувринди «Билмайсизми? Ажаб... Мен эсам Жамшиднинг уйига борганингиздан хабардорман. Мен билан мушук-сичқон ўйнаманг», дегандай қараб турди.
— Отаси ана кетаман, мана кетаман, деб ётибди. Билмай қўя қолсин, дедим. Шум хабарни эшитса, ажалидан олдинроқ ўларди, шундай эмасми?
— Балки... Отаси билан яқин дўст эдингизми?
— Яқин десам ҳам бўлади. Аммо дўст эмас эдик. У кишининг ёшлари улуғроқ. Мен кооператив очаётганимда ёрдам берганлар. Лимонад тсехини бирга очганмиз, десам ҳам бўлади. Винзаводда қўли гул усталардан бўлган эканлар.

Бу гапни эшитган Зоҳид ёзишдан тўхтаб, ўйланиб қолди. «Винзавод? Қўли гул эканми?»
— Цехни қачон очгансиз?
— Икки-уч йил бўлди. Ҳаммаси қонуний равишда бўлган.

«Ўгай онаси қамоқдан чиқаришга ҳам ёрдам берган девди. Қамоқдан чиққанига ўн икки йилдан ошган-ку?»
— Жамшиднинг отаси билан ҳам ўша кезлари танишганмисиз?
— Шунақа шекилли, аниқ эсимда йўқ.
— Хотирангиз... яхши эмасми?
— Хотирамдан нолимайман, аммо ким билан қачон танишганимни аниқ эслаб қолишим лозим, деб ўйламаган эканман. Бугундан бошлаб шу хатони тузатаман. Бугун — учинчи июн, бир минг тўққиз юз саксон тўққизинчи йил. Шанба. Соат, — у шундай деб, билагидаги тилла соатга қараб олди. — Соат ўндан ўн беш дақиқа ўтди. Прокурор Зоҳид Шарипов билан танишиш бахтига муяссар бўлдим.

Зоҳид истеҳзо билан жилмайиб қўйди.
— Сизга ярашмас экан.
— Нима ярашмас экан?
— Майнавозчилик. Ундан ташқари, хотирангизга ўзгартиш киритинг, Зоҳид Шарипов прокурор эмас, прокуратура терговчиси.
— Яхши, компютерга ёзиб қўйилди, — Чувринди шундай деб кўрсаткич бармоғини чаккасига тиради.
— Жамшидни охирги марта қачон кўрган эдингиз?
— Ўлимидан бир кун олдин.
— Ёқилган мурданинг Суннатуллаев эканига аниқ ишонасизми?
— Бошқа одам деб ўйлайсизми?
— Мен ҳозирча ҳеч нима деб ўйламайман. Мурда Суннатуллаевники эканини қаердан билдингиз?
— Машинаси турибди-ку?
— Сизга ким хабар берди?
— Билмадим, уйга кимдир телефон қилибди.
— Нотаниш одамнинг хабарига ишондингизми?
— Машинаси турибди-ку?
— Мурданинг афтини таниб бўлмасди. Жамшиднинг алоҳида белгилари бормиди?
— Қанақа алоҳида белгилари?
— Масалан... бир оёғи калта эмасмиди?
— Чўлоқ, демоқчимисиз? Йўқ, соппа-соғ эди... — Чувринди шундай жавоб берди-ю, «нима бало, чўлоқ мурдани топишган эканми?» деб ичидан зил кетди.
— Демак, уни бир кун олдин кўргансиз.
— Ҳа, бир кун олдин ишда эди.
— Қаерда ишларди, мактабдами?
— Мактабда нима қилади? Менда, лимонад тсехида ишларди.
— Биздаги маълумотларга қараганда, мактабда дурадгор экан?
— Билмадим. Балки менга келгунича ишлагандир. — Чувринди шундай деди-ю, ичида Кесакполвонни сўкди: ҳамиша ишни чала қилади.
— Суннатуллаев уйланганмиди?
— Йўқ, аёлларга тоқати йўқ эди. Нима учун қамалганини билсангиз керак. Менга бир ёрилиб, «туҳматга қолганман» девди. Аёлларга ишонмай қўйганди.
— Отаси оғир ётибди, дейсиз. Тузалиб кетса-чи? Сиздан хафа бўлмайдими?
— Аввал тузалсин-чи? У тузалиши мумкиндир, аммо ўғли тирилмайди-ку? Ё тирилтириш қўлингиздан келадими?
— Келмайди, айниқса ёқиб юборилган мурдани тирилтира олмаймиз. Жамшидда кимнинг хусумати бўлиши мумкин?
— Билмайман, мўмин бола эди. Биров билан жанжаллашганини кўрмаганман.
— Қизиқ... Мурда ёқиб юборилган... — Зоҳид «мурданинг буйраги олинган» демоқчи бўлди-ю, «ҳозир вақти эмас» деган қарорга келиб, ўзини тутди. Иккиланганини билдирмаслик учун гапини бир маромда давом этди: — Машинага эса тегилмаган. Бу сизга ғалати туюлмаяптими? Қотил нима учун ҳеч нарсага тегмади экан?
— Бу менга эмас сизга ғалати туюлиши керак. Сиз мендан лимонад нима учун бемаза, деб сўранг, нима кам солинганини аниқлаб, айтиб берай.
— Балки бу ажабланарли ҳолни ўйлаб кўргандирсиз, дебман. Унда бошқа саволга жавоб беринг: нима учун мурдани ўликхонадан берухсат олдинглар?
— Ўликни олишга ҳам рухсат керакми? Бордик, сўрадик, беришди, кўмдик. Ўлик «қачон мени кўмишаркин, қачон рухсат беришаркин», деб махтал бўлиб ётмайди-ку? Мурда қочиб ҳам кетгани йўқ, аниқ бир жойда ётибди, керак бўлса кавлаб олаверасизлар, шунақа одатларинг ҳам бор шекилли?
— Бу гапингиз ҳам тўғри. Мана, ўқиб кўриб, имзо чекинг, — деди Зоҳид қоғозни узатиб, — агар лозим бўлиб қолса яна безовта қиламиз. Хизматчилик, қотилни топмагунимизча тинчий олмаймиз.
— Қотилни топишга ишонасизми? — деди Чувринди қоғозга имзо чека туриб.
— Юз фоиз ишонаман, — деди Зоҳид қатъий тарзда. Бу гапдан Чувринди мийиғида кулимсираган бўлса-да, Зоҳиднинг тик қарашига бас келолмай кўзларини олиб қочди.
— Омадингизни берсин, — деб хонадан чиқмоқчи бўлганида Зоҳид тўхтатди:
— Ҳа, айтмоқчи, эксгуматсия лозим бўлса, сизни яна безовта қиламиз.
— Тушунмадим?
— Эксгуматсия... Ўзингиз айтдингиз-ку, мурдани гўрдан кавлаб олиш-да. Отаси ётган бўлса, яқин кишиси сифатида сиз қатнашишингиз керак.

Чувринди «чақирсангиз қатнашармиз» деб хонадан чиқди.

VI боб

1

Ровийлар дерлар: дунёда севинтирувчи бирон нарса йўқки, кетидан хафа қилгувчи бир нарса келмаса.

Тоғ қишлоғининг этагидаги ғарибгина уйда ғарибгина кун кўрувчи эр-хотиндангина иборат бу кичик оила бошига тушган ташвишлар ҳеч кимнинг бошига тушмасин. Уларнинг дардларини баён этмоққа қалам ожиз. Бу дардларни фақат тирноққа зор одамларгина ҳис қила олишар. Йўқ, бу эр-хотинни Яратган фарзанддан қисмади. Никоҳларидан бир йил ўтар-ўтмас ўғил кўрдилар. Ғариб кулбалари севинчга тўлди. Сўнг... севинч кетидан ғам кириб келди. Бу ҳол оз эмас, яна олти карра такрорланди. Болалари дам ёшга етмай, дам энди тили чиқиб ширин бўлган маҳалда уларни доғда қолдириб кетаверишди. Охир-оқибат ҳомила нишона берган дамдан бошлаб ҳам умид, ҳам қўрқинч билан кутадиган бўлишди. Тўртинчи фарзандни ерга қўйгач, ирим қилиб бир-бирларини «Турди» деб чақира бошлашди. Еттинчисида Худо марҳамат қилди. Бир йил эмас, роппа-роса йигирма йил умр берди. Келин туширдилар. Улар набира кўрмоқ умидида бахтиёрлик ичра чўмиб яшай бошладилар. Еттинчи ўғилнинг умри ҳам омонат эканини улар қаердан билишсин! Дунё абадий истиқомат жойи эмас, балки ўткинчи ўлароқ қолувчи бир кулба эканини ҳамма ҳам вақтида билавермайди. Ёзда ўғил хашак ўримига кетди-ю, изсиз йўқолди. Ўғилнинг на тириги топилди, на ўлиги. Келин уйларида узоқ яшаб қолмади. Уйига кетди. Эрининг қайтишига ёки топилишига умид қилмади. Кампир «келиним сабр қилмагани учун ҳам ўғлим топилмади», деб то сўнгги нафасигача уни айблади. Унинг назарида келин сабр билан кутса эди, Оллоҳга йиғлаб муножотлар қилса эди, у қайтиб келарди.

Аввал қишнинг совуқ нафаси сезилди. Сўнг тоғларнинг, унинг этагидаги қишлоқларнинг айбини беркитмоқчи бўлгандай қор ёға бошлади. Биринчи қор уларнинг фарзандларидай узоқ турмади. Бир кунда эриб кетди. Иккинчиси эринмай ёғди. Юрганда тўпиққача ботадиган бўлди. Ҳали олтмишга бормаган, лекин кўриниши камида етмиш ёшли чолларга ўхшаб қолган оила бошлиғи ўша куни танчани очиб, айвондаги жойини ичкари уйга кўчирди. Келини кетиб қолганидан бери икки-уч кунда бир қозон осишарди. Бугун танчага чўғ зарур бўлгани сабабли ўчоққа ўт қаланди.

Эрталаб, хўрозлар ҳали субҳ кирганидан дарак бермай туриб уларнинг қулоғига чақалоқ овози эшитилгандай туюлди. Иккови ҳам ширин туш кўргандай бўлди. Овоз тинмади. Эр кўзини очиб, қаддини хиёл кўтарди.
— Турди, эшитяпсанми? — деди. — Чақалоқнинг овозими ё шамол увиллаяптими?
— Шамол шунақа увиллаганми ҳеч қачон? Қаранг-чи, балки мушукдир?

Эр ўрнидан туриб ташқарига чиқди. Дам ўтмай эшикни зарб билан очиб, қўлида кўрпачага ўралган чақалоқ билан ичкари кирди.
— Турди, тура қол, тезроқ. Биров чақалоқ ташлаб кетибди.
— Вой ўлайин, вой ўлайин, чақалоқни ҳам ташлаб кетадими?

Хотин қора чироқни ёқди. Эр кўрпачага ўралган болани танча устига ётқизди. Биғиллаб йиғлаётган чақалоқ бирдан жимиб қолди.
— Нима қилдингиз? — деди хотин қўрқиб. Чироқни эрининг қўлига тутқазиб, кўрпачани очди. Чақалоқ мунчоқ каби кўзларини мўлтиллатиб унга қаради. Хотиннинг назарида жилмайиб қўйгандай ҳам бўлди.
— Вой ўлайин, кимнинг боласи экан, а? Ўн кунлик ҳам эмасдир?
— Кимникилигини қўявер, бизга ташлаб кетишибдими, демак, Худо шуни ирода қилибди. Қара-чи, қизмикин ё ўғилмикин?
— Аввал печкани ёқинг. Мен сизга кеча айтувдим ёқинг, деб. Тутунидан безорман, деб ўжарлик қилдингиз.

Уй исиди, боланинг йўргаги ечилди — ўғил экан.
— Турди, ҳукуматга билдириб қўйсамми? — деди эр.
— Ҳукуматга билдирсангиз нима, билдирмадингиз нима? Билдириб туриб берворармидингиз. Худо бизга насиб қилди, дедингиз-ку?

Кун ёришгач, эр ташқарига чиқиб қордаги изга кўзи тушганида юраги бир нарсани сезгандай жиз этди.
— Бир одамнинг изи қолибди, — деди уйга қайтиб кириб. — Турди, бу бола бегона эмасга ўхшайди. Юрагим сезяпти, ўзимизнинг набира бўлса керак-ов... Келининг юкли эди, бир марта хабар олмадинг.
— Унақа деманг, хабар олганман. Бир ой бор девди. Бу эмасдир?
— Мен қудамникига бориб келай.
— Болани сизлар ташлаб келдиларингми, дейсизми?
— Менда ҳам калла бордир. Бунақа демасман...

У уйига бўшашиб қайтди: келини ўн беш кун бурун шаҳарга кетган эмиш...

Болага Маҳмуд деб исм қўйишди. Икки уй наридаги ҳамсояларининг келини эмизиб турди. Кейинроқ эчки сотиб олишди. Бола уч ойли бўлганида келин шаҳардан қайтганини эшитиб, эр яна қудасиникига борди. «Қизингиз юкли эди, нима бўлди?» деб сўраб, «бола ўлик туғилибди», деган жавобни эшитди. Эшитди-ю, баданига муз югуриб, тахта бўлиб қотиб қолди. Тили гапга келмади. Оллоҳнинг ҳар нарсага кўникувчи бу содда бандаси «ўлик туғилган бўлса қаерга кўмдинглар, нима учун бизга хабар қилмадинглар, тирикми, ўликми, боламиздан зурриёд эди, нима учун шаҳарда туғди, нимадан уялди, бола валади зино эмас эди-ку?..» деган саволларни бермади. Қудасининг гапини оғир юкдай ортмоқлаб, уйига шумшайиб кириб борди. Бу шум хабар хотинининг жонини суғуриб олгандай бўлди. Яхши ҳамки, йиғи деган нарса бор, шу йиғи билан жонини қайтарди. Сўнг қиёмат қойимни бошламоқ қасдида қудасиникига отланди. Эр остонага туриб олиб, унга йўл бермади. Чақалоққа термулиб ўтириб, тунни бедор ўтказишди.
— Турди, уларнинг гапига ишонма, ёлғон айтишди,— деди эр. — Маҳмуд — боламизнинг боласи, аслида исмини Ёдгорбек деб қўйсак бўларкан.
— Бир қарашдаёқ кўнглим сезган, бегона эмас, ўзимизнинг набирамиз. Сиз лақмасиз, уларнинг гапига ишониб ўтирибсиз.
— Ишонмадим, Турди, ҳеч ишонмадим. Маҳмуджоннинг чап курагида доғ бор, эсингдами, боламизда ҳам бор эди.
— Бурни ҳам худди ўзи.

Бола улғайгани сайин унинг юзларида, қилиқларида, гапларида, овозида... отасига ўхшашликни топаверишди. Айни чоғда, келинларининг, келин-ку, ёш кўп нарсага ақли етмайди, қудаларининг бу қилиқларига тушунишмади. «Остонага ташлаб кетмай, «бола эсон-омон туғилди, энди ўзингиз боқиб олинглар, қизимизни боласи билан эр олиши қийин» десалар олам гулистон эди-ку?..» деб ўйлаб, ўйларига етишолмади.

Кунлар, ойлар, йиллар ўтаверди. Бола улғаяверди. Ота-онасини сўрайдиган бўлди. Улар ўғилларининг тирик эканига, қачондир қайтиб келишига ишонишарди. Ҳатто келинларига инсоф киришига, унинг ҳам қайтишига, боласини бағрига босишига ишонч бор эди. «Даданг билан аянг узоққа кетишган, яқинда келишади», деб болани алдашар эди. Бир куни эр «Мардонқул шаҳарда келинингни кўрибди, суюқоёқ бўлиб кетган экан, ресторанда ўз кўзи билан кўрибди, энди боламга «онанг ўлган», деб қўя қолайлик», деди. Фикр хотинга ҳам маъқул бўлди, аммо айтишолмади.

Ўн тўрт ёшга қадам қўйган йили куз серёғин келиб, пахтани териб олиш оғирлашгани сабабли қуйироқ синфларнинг ўқувчиларини ҳам сафарбар қилишди. Ана шунда эр-хотин хашак ўримига кетиб қайтмаган ёлғиз ўғилларини эслашди. Кўнгилларига безовталик оралади, сўнгроқ бу безовталик юракдаги ғам тоши билан бостирилди. Аввалига Маҳмуджонни юбормаймиз, дейишди. «Пахта сиёсати нозик масала, бормаса боланг қамалади», деб қўрқитишгач, ноилож қолишди. Болани кўз ёши билан кузатишди. Эр ҳам йиғлади, хотин ҳам йиғлади — болани сўнгги марта кўраётганларини кўнгиллари сезди. Дийдор қиёматга қолди.

Болаларни чўлдаги бир бостирмага жойлаштиришди. Ота-оналари бағридан илк дафъа узоқлашган болалар совуқда қунишиб, бемаза овқатдан кўнгиллари айниб, тунлари бир-бирларининг пинжига кириб, тонг оттиришарди. Тераётган пахталарининг тайини бўлмаса ҳам бунда яшашга мажбур эдилар. Чунки юқорига борувчи маълумотларда фалон бўлимда қирқ саккизта норасида бор дейилмайди. Билъакс, «фалон бўлимда қирқ саккиз азамат об-ҳаво инжиқликларини мардонавор енгиб, фидокорона меҳнат қилмоқда» деб ёзилади. Қор аралаш ёмғир тиниши билан далага ҳайдалувчи бу «азаматлар» кунига уч-тўрт кило эмас, қоғозда олтмиш-этмиш кило тераётганларини билмас эдилар. «Еган овқатларингга лойиқ термаяпсанлар!» деган миннатдан тезроқ қутулиб, уйга тезроқ қайтиш илинжида шу бостирма остида яшардилар.

Ўн саккизинчи куни Маҳмуд ланж ҳолда турди. Ўнг биқинида оғриқ сезди. Кўнгли айниб, қайт қилди. Нонуштада иштаҳаси бўлмади. Иситмаси кўтарилди. Синф раҳбарига аҳволини маълум қилган эди, у: «Далага чиқсанг, тузалиб кетасан, ўғил бола чайир бўлиши керак», деди. У чайир бўлиш учун яна уч кун шу аҳволда юрди. Биқинидаги оғриқ кучайди. Овқат емаётгани учун ҳолдан тойди. Тўртинчи куни саҳарда, ҳамма ухлаб ётган маҳалда ўриндан турди-ю, катта кўча сари юрди. Ёмғир шивалаб турган эди: бирпасда мушук боладай ивиди. Катта, оғир этигини судраб бирон машина кўриниб олиб кетармикин, деган илинжда юраверди.

Ниҳоят, машина чироғи кўринди. Машинага қўл кўтаргани эсида, чироқ нуридан кўзлари қамашгани, боши айлангани ҳам эсида, қолгани ёдида йўқ.

Машинадагилар болани кўришган, аммо тўхташ ниятлари йўқ эди. Ҳайдовчи ёнида ўтирган одам бирдан бақириб юборди:
— Тўхта! Нима бало, туртиб юбордингми?!
— Йўғ-э, — деди ҳайдовчи тормозни босиб, — четда турувди-ку?
— Йиқилди бола.

Улар тушиб, беҳуш ётган Маҳмудни машинага олишди. Йўлни ўзгартириб, касалхона томон юришди.

Маҳмуднинг жигари шишиб кетган эди. Табиблар аввалига «тузалишига умид йўқ», деган тўхтамга келишди. Агар уйига яқин ерда бўлганида шундай деб ота-онасини чақириб бериб юборишарди. Маҳмуднинг бахтига уйлари юз чақиримнинг нари-берисида эди. Бунинг устига у «пахтадан қочганим учун қамаб қўйишмасин», деб қўрқиб, кимлигини, қаерда яшашини нотўғри айтган эди.

Синф раҳбари Эҳсонов уйига қочиб кетди, деб хотиржам, буваси, бувиси эса «болам пахтада» деб ўйлашарди. Шу боис уни қидириш ҳеч кимнинг хаёлига келмас эди.

Бу орада, ҳеч кутилмаганда, бутун ғам-аламларни бирга баҳам кўрган, бир-бирига суяниб яшаётган эр-хотин олдинма-кейин боқий дунёга рихлат қилдилар. Ажабланарлиси шуки, касал бўлиб ётмадилар. Аввал Эр кетди. Тунги уйқуси абадий уйқунинг дебочаси эканини билмай кетди. Кечқурун ётди-ю, тонгда уйғонмади. Эрнинг еттиси куни айтиб йиғлаётган Хотиннинг нафаси қайтди, беҳуш йиқилди. Бир соатча алаҳсираб ётиб, жони узилди. Ҳирқираб ётган ҳолида «болам!» деди-ю, тилини тишлади...

Худди ўша куни Маҳмуднинг соғая бошлаганини билиб, табиблар ажабланишди. Даволаётган табибни табриклашди. «Буни диссертатсия қилиш керак», деб маслаҳат беришди.

Яхшики, мактаб болаларининг бахтига йил ўттиз биринчи декабрда якунланади. Агар йил декабрда эмас, ўттиз биринчи январда охирласами, улар яна бир ой қор босган далада шумтираб юрар эдилар. Қўллари, юзлари ёрилган болалар ўттизинчи декабрда уйларига қайтдилар. Ана шундагина Маҳмуднинг йўқолгани маълум бўлиб, қидир-қидир бошланди.

Синф раҳбари топиб келганида Маҳмуд анча соғайган, оёққа туриб қолган эди. Синф раҳбари бу бевош болани уришди, сўкди, гина қилди, охири бувиси билан бувасидан ажраб қолганини маълум қилиб, изига қайтди.

Синф раҳбари ўқувчисининг соғ-саломат эканини билиб, кўнгли тинчиди. Шум хабарни айтиб, ўз елкасидаги ташвиш тоғини мурғак вужудга, мурғак юракка ағдариб кетди. Аждодларимиз фалакнинг айланишига қараб, ўн икки мучални белгилаб, ҳар мучалга жониворлар номини берганлар. Дейдиларки, ким қайси мучалда таваллуд топса феъли ўша жониворга ўхшаб кетади. Агар шу рост бўлса, яна бир — ўн учинчи мучал жорий этилиб, бефаросатларни шунга жамламоқ ва бу мучалга эшакнинг номини бермоқ дуруст бўларми эди. Агар шундай қилинса, синф раҳбари шубҳасиз эшак йилида туғилган бўлар эди.

Шум хабарни эшитганидан сўнг Маҳмуд икки кунгача ўзига келолмай юрди. Учинчи куни шомдан сўнг оёқлари уни беихтиёр касалхона яқинидаги темир йўл сари бошлади. Буваси ва бувиси қабрини, қишлоқни, уйни зиёрат қилиш деган тушунча ҳали унда йўқ эди. У фақат бир нарсани — ёлғиз қолганини ҳис этарди. Ёлғизлик чорасини шаҳардан изламоқчи бўлган эди. Балки онамни топарман, балки отам ҳам шаҳардадир, деган умид уни касалхонадан етаклаб чиқди. Унинг назарида шаҳар — маъмурлик қасри эди. Барча меҳрибон, саховатли одамлар, донолар шаҳарга тўпланган, деб ҳисобларди.

Вагон оғаси «онасини излаб кетаётган» касалхона кийимидаги болага раҳм қилиб, тушириб юбормади. Аксинча, бўлмасига олиб кириб, чой-нон билан сийлагач, боладаги «ҳамма яхши одамлар шаҳарда» деган фикр қатъийлашди. Аммо шоҳбекатда унга биров қарамади, эътибор ҳам бермади. Нима қилишни, қаерга боришни билмай, кун бўйи шу бино ичида санқиб юрди. Бир-икки ташқарига чиқди, касалхонанинг юпун кийимида совқотиб, тез изига қайтди. Қорни очди. Касалхонада қоғозга ўраб олган икки бурда нонни еди. Қоронғи тушганида силласи қуриб, ўриндиққа чўзилди.

Ҳайдар (унда «Кесакполвон» «унвони»га мушарраф бўлмаган эди) ўша кеч «ов»да эди. Касалхона кийимида ғужанак бўлиб ётган болага аввал эътибор бермади. Ўлжа қидириб бир оз айлангач, болани туртиб уйғотаётган милитсионерга кўзи тушди. Болани бу ерга дайдиб келиб қолганини дарров сезиб, уни қутқармоқчи бўлди. Тез-тез юриб яқинлашди-да, қаддини кўтараётган Маҳмудни елкасидан қучди.
— Калла пишдими, братишка, — деди худди яқин одамини суйгандек, сўнг милитсионерга қаради: — Бу менинг укам, тоби йўқ, шаҳардаги дўхтирга кўрсатгани олиб келганман.

Милитсионер Ҳайдарни танирди, шу боис унинг гапига «ишониб» нари кетди.

Ҳайдар боланинг юзига қараб, кейин пешонасига кафтини босди.
— Иситма бор-ку, қаёқдан қочиб келяпсан, чувринди ука, — деди.

Маҳмуд айтди.
— Юр, дўхтирга олиб бораман, — деди Ҳайдар.

«Шаҳарда яхши одамлар кўп», деб ўйлади Маҳмуд.

Ҳайдарнинг ёши катта бўлгани билан новча, хипчиндай қилтириқ Маҳмуд билан бўйи қарийб баравар эди. Маҳмуд боши айланиб юролмагани учун уни опичиб олди. Узун болани опичиб юриш ташқаридан қараган одамга кулгили туюлар эди.

Шу-шу уларнинг тақдирлари боғланди. Аввал Асадбекникида яшади, сўнг, Асадбек уйлангач, Ҳайдар билан бирга турди. Асадбек қимордан кўра ўғирлик дуруст, деб ҳисоблагани учун Ҳайдар билан ишлади. Асадбек уни қиморга яқин йўлатмади.

Ишлар юришиб, бел бақувватлашгач, уй-жой қилди, уйланди. Онасини ҳам топди...

Аниқроғи, сўраб-суриштириб, Ҳайдар топди. Бир куни Асадбекка:
— Онасини топдим, аммо шалағи чиқиб кетибди, — деди.
— Кўрсатиб қўй, умидвор бўлиб юрмасин, — деди Асадбек.
— Кўнглини чўктириб нима қиламиз?
— Кўрсин, ҳаётнинг қанақалигини билсин.

Ҳайдар Асадбек амрини бажарди. Маҳмуд онасини шармандали ҳолда кўрди. Аввалига ишонмади. Ҳайдарнинг далиллари ҳам кор килмади. Туғилиб ўсган қишлоғига бориб келганидан сўнггина ишонди.

Ишонди-ю, яна бир ўлиб тирилди. Касалхонада бир ўлиб тирилган эди, бу сафар ўлди-ю, бошқа одам бўлиб тирилди. Дунё кўзларига жирканч ҳолда, сассиқ балчиқ ҳолида кўриниб, ҳамма нарсадан нафратлана бошлади. Ҳатто яқинлари бўлиб қолган Ҳайдар билан Асадбекдан ҳам нафратланди. Онасини бу ҳолда кўрсатгани учун Ҳайдарга нисбатан бўлган нафрати то ҳануз сўнмаган, бу нафрат вужудининг аллақаерида уйғонмоқ учун худди буйракдаги тошдай фурсат пойлаб ётарди.

2

Прокуратура маҳкамасидан чиққан Чувриндининг кўнгли хира эди. У пахтадан қочган кезлари ҳаётида илк марта қамалиб қолишдан қўрққан эди. Синф раҳбарининг қамоқдаги даҳшатлар хусусида гапирганлари ҳамон эсида. У дамда бу гапларнинг аксари лоф эканини болалар билишмас эди. Ўқитувчига ишонишарди, кўрқишарди. Биринчи марта Ҳайдарга қўшилиб ўғирлик қилганида яна қўрқди. Беш-ўн кун эшик тиқ этса ҳам милитсионер кириб келаётгандай чўчиб тушаверди. Кейинчалик бу қўрқув анча чекинди, аммо уни бутунлай тарк этмади. Уни ҳамиша ақл билан иш кўришга мажбур этувчи ҳис ҳам ана шу қўрқув эди.

Ровийлар дерларки, бу алдоқчи ҳаёт киши билмасдан еб-ичиб қўядиган заҳарга ўхшар. Киши заҳар борлигидан бехабар ҳолда уни иштаҳа билан ер ва билмаски, унда ўз ўлими яшириндир. Чувринди еяётгани аста-секин таъсир этувчи заҳар эканини аниқ билмаса-да, бахтиёрлик ичра яшай туриб бахтсизликка учрамоқдан қўрқмоқ лозимлигини сезиб турарди. Омаднинг фоҳиша хотин каби эканлиги, бугун сенга кулиб турса, эртага бошқага илжайиб қаражаги ҳам унга аён эди.

Бугунги ташриф унинг учун айтарли жиддий аҳамият касб этмаса-да, кўнглини хира қилди. Бунақа маҳкамаларга ҳатто шунчаки саломлашиб чиқиш учун ҳам киргиси йўқ эди. Зоҳиднинг чақирув қоғозини йиртиб ташлаб, бу идорадаги танишларига сим қоқиб қўйиши ҳам мумкин эди. Аввало иш чувалашмасин, деди. Ўжар, ҳақиқатпараст деб таърифланаётган Зоҳидда шубҳа уйғотишни истамади. Қолаверса, руҳидаги нафсни ўлдира олган терговчини яқиндан бир кўриш иштиёқи туғилди.

Асадбек ҳеч ёлғиз юрмасди. Бу табиий ҳол. Катта одамнинг ташвиши ҳам катта бўлади, атрофидаги хавфи ҳам. Кесакполвон атрофидагиларга қадрини намойиш этиш учун, оғайнисига тақлид қилиб, у ҳам доимо бир-икки йигит билан бирга бўларди. Бу гуруҳда фақат Чувриндигина ёлғиз юрарди. У бировга тақлид қилишни хушламас эди, қолаверса, гавдасига, кучига ишонарди.

Шаҳар марказидаги уч қаватли бино ертўласига жойлашган қароргоҳига кетатуриб машинасини кўп қаватли иморатлар орқасида қолиб кетган маҳалла сари бурди. Маҳаллага урушдан илгари асос солингани учун иморатлари унчалик ҳашаматли эмасди. У машинасини сувоқлари кўчиб туша бошлаган уй қаршисида тўхтатди. Бу уй бир вақтлар Асадбекларнинг макони эди. Уй эгаси бир кечада уйни ҳам, хотинни ҳам Асадбекка бой бериб, аламига чидай олмасдан ўзини осиб қўйган эди. Асадбек у билан қалин дўст бўлмаса-да, ўзаро яқинликлари бор эди. Шу сабабли унинг ўлимидан ҳам изтироб чекди, ҳам жаҳли чиқди.
— Эринг аҳмоқ экан, — деди маъракалари ўтганидан сўнг. — Уй ҳам, хотин ҳам топиладиган нарса, жон топилмайди. Кеча ютқизган бўлса, бугун ютарди. Мен унга уйни бўшат, хотинингни бер, деб қисталанг қилмовдим. Ҳозир ҳам бундай демайман. Уй ўзингга буюрсин. Хоҳласанг эрга тег. Фақат эрингни қиморга яқинлаштирма.

Аёл нима учундир эрга тегмади, Асадбеклар даврасидан узоқлашишни истамади. Дам-бадам шу уйда қиморбозлар йиғиладиган бўлишди. Хотин уларнинг хизматини ўрнига қўйиб юраверди. Умри шу зайлда ўтиб, олтмишни қоралаганда ёлғизлигини ҳис қила бошлади. Бу орада Чувриндининг онаси ҳам чиройини, ёшлигини бой бера борди. Бозори чаққон хонимнинг ишлари орқага кета бошлади. Майхўрлик уни одам кепатасидан чиқариб ташлади. Ҳали у ерда, ҳали бу ерда хор ҳолида ётиб юрганида Чувринди уни шу уйга олиб келди. Уй бекасидан «кўз-қулоқ бўлиб туринг» деб илтимос қилди. Чувринди уни она сифатида қадрламаса ҳам, одам сифатида раҳми келарди. Кўча-кўйда ўлиб-нетиб қолмасин, деб хавотирланарди.

У ҳовлига кириши билан айвон пойдеворига суянганича бошини осилтириб ухлаб ўтирган онасини кўрди. У ахлатхонада ағанаб ётганми кўйлагига қараб бўлмайди, сочлари тўзиб кетган... Сўлаги оқиб ўтирган онасини кўриб, ижирғанди. Шу хотин энди эллик ёшдан ошди, деса биров ишонмас эди. Айвонда уй бекаси кўриниб, саломлашгач, изоҳ берди:
— Икки кун кўринмай кетди. Тиланчилик қилиб пул топганми, билмайман.

Чувринди ёнидан пул чиқариб, унга узатди:
— Қанча ичса, шу ерда ичсин, кўчага чиқарманг.
— Шериклари билан ичмаса кўнгли жойига тушмайди-да. Анави куни учтасини бошлаб келибди. Хафа бўлманг-у, киритмадим. Қўни-қўшнилардан уяламан-да.
— Тўғри қилибсиз, — Чувринди шундай деб, онасига яна бир қараб олди. — Телефон қиламан, ҳали олиб кетишади.
— Қаёққа?
— Диспансерга.
— Даволаб бўлармикин буни?
— Даволаб бўлмаса ҳам ўша ерда ётсин.

Чувринди шундай деб чиқиб кетди.

Уч қаватли бино ертўласида уни Бўтқа одатдагидек жилмайган ҳолда кутиб олиб, «шу ердалар» дегандай им қоқиб қўйди.

Кесакполвон билан гаплашиб ўтирган Асадбек ўтирган ерида қўл узатиб, кўришди.
— Зайнаб тузукми? — деб сўради Чувринди, унинг қаршисидаги ўриндиққа ўтириб.
— Янганг ёнида қолган. Телефон қилсам тузук, деяпти. Дўхтирга яхшилаб тайинладингми?
— Ўзимизнинг одам. Тузалгунича ёнидан жилмайди.
— Прокурор нимага чақирибди?
— У-буни суриштирди... Жамшид масаласида.
— Кавлаяптими?
— Ҳа, энди бир уриниб кўради-да.
— Ҳайдар, кавказликларингни рўпара қилмоқчи эдинг-ку?
— Улар тайёр, прокурор озгина кавлаштирсин, бирдан рўпара қилсак, хитлашади. Кеча шўпирни изига тушишди. Шўпир бугун Учариқдан келса, таппа босишади. У оғзидан гуллайди. Ҳаммасини пишитиб қўйганман. Ош тайёр, ўзи сузиб олади.
— Каллангни ишлат, ош тагига олмасин.

Кесакполвон «бир-икки марта тагига олдирганмидим?» демоқчи бўлди-ю, Асадбекнинг кайфияти ёмон эканини эслаб, индамай қўя қолди.
— Бек ака, заводдаги йигитлар хунук хабар етказишди, — деди Чувринди.
— Яна нима бўлибди?
— Шариф қуруғидан тортаётган1 эмиш.

Бу гапни эшитиб, Асадбек Кесакполвонга қаради.
— Нимага менга қараяпсан, мен ўргатибманми?
— Йигитларнинг гапига қараганда, сиз қўйган жонон билан тортаркан, — деди Чувринди.
— Бўлмаган гап! У чекмайди. Нинадан олиши тўғри, лекин қуруғидан тортмайди.
— Маҳмуд, жонон буники бўлса ҳам сенга бир иш бор: агар ўша ўргатган бўлса, чотини йириб, оёғидан дарахтга осиб қўй. Шарифни дўхтирга рўпара қил, тузатсин.
— Бормайман, деса-чи?
— Боргиси келмаса, ўласи қилиб калтакла. Қон чиқмайдиган жойига ур. Калтакдан қўрқади у хунаса.
— Қиличнинг ўзи дуруст эди, буни бекорга талтайтирдинг. Фойдаси тегадиган олим, деб елкангга чиқариб олдинг. Ана энди ўзи бошингга ўтириб олиб кўллатиб ётибди.
— Ўчир, ақлинг етмаган ишларга аралашма. У бугун бўлмаса, эртага керак бўлади бизга. Маҳмуд, дўхтирдан сўра, неча кунда тузатаркин, шунга қараб, Португалияга боришини ҳал қил.

Азалдан шу: Асадбек бир ишни амалга оширмоқчи бўлганида Кесакполвон тушунибми, тушунмайми, фикр билдирса, «ақлинг етмаган ишга аралашма», деб шарт кесади. Бошқа одамга бу ҳақоратдай ёки камситишдай туюлиши мумкин. Кесакполвон эса бунақа жеркишу, сўкишу, лаънатлашларга кўникиб кетган. Оғайнисининг сўккани сўк оши, ургани ун оши, дейиш ноўрин, чунки Асадбек унга ҳеч қачон қўл кўтармаган. Чувриндини ёшликдаги хатолари учун бир-икки урган, аммо Кесакполвонни чертиб ҳам қўймаган.

Асадбекнинг ҳозирги жеркиб бақириши саҳродаги қумга сингган томчидай бетаъсир бўлди — орага ноқулайлик чўкмади.
— Жамшиднинг ўрнига кимни берасан? — деди Асадбек Кесакполвондан.
— Чақирайми, шу ерда, — Кесакполвон шундай деб ўрнидан турди. Эшикка яқинлашиб, қия очди-да, Бўтқага имлади.

Хонага қорувли, мушаклари ўйнаб турган, қалин қошлари туташ бир йигит кирди. Сақич чайнаб турган бу йигитнинг турқи Асадбекка ёқмади.
— Кавш қайтарма, бу ер сенга молхона эмас! — деди жеркиб.

Йигит сақич чайнашини тўхтатиб, кўзини лўқ қилганича тураверди.
— Ташқаридаги аканг билан солишсанг эплайсанми? — деб сўради Чувринди Бўтқага ишора қилиб.
— Менга чўт эмас.
— Шунақасидан иккита бўлса-чи?
— Эплаштираман.
— Нимага ишониб айтяпсан бу гапларни?
— Ўзимга ишонаман.
— Ҳозир чиқиб ўшани мажақлаб ташла, десам бажарасанми? — деб сўради Асадбек.
— Мажақла десангиз, мажақлайман, — деди йигит ўйлаб ҳам ўтирмай.

Жамшид билан дастлабки учрашувда ҳам шундай савол беришганди. У саволга сукут билан жавоб қилган эди.
— Ўлдир, десам-чи?
— Ўлдириш керак бўлса, ўлади.
— Кейин-чи?
— Кейин... сиз нима десангиз шу.

Асадбек ўрнидан турди. Йигит без бўлиб қотиб тураверди. Асадбек худди ташқарига чиқмоқчидай эшик томон юрди. Аммо йигитнинг ёнидан ўтаётганида кескин бурилди-да, унинг жағига мушт туширди. Зарбани кутмаган йигит чайқалиб кетди. Нима воқеа юз берганини тушуниб етмасидан қорнидан тепки еб букчайди, букчайди-ю, гарданидан мушт еб йиқилди.
— Бир қоп гўшт-ку, бунинг, — деди Асадбек жойига ўтириб. Шу дамда яна Жамшидни эслади. Жамшид ҳам шундай синалган, аммо зийраклик қилиб муштга чап берган эди.
— Мен сени эркак деб юрсам, ҳеббим экансан-ку, — деди Кесакполвон йигитга. — Яна Бўтқадан иккитасини ёпиштираман, деб кериласан-а?! Бўтқа сендақадан ўнтасини сихга териб қўяди. Нафас олиб, чиқаришга улгурмай қоласан. Тур ўрнингдан, туққан хотинга ўхшаб ялпаймай, тур!
— Бек акамга қўл кўтаролмайман-ку, — деди йигит ўзини оқламоқчи бўлиб.
— Қўл кўтариб ҳам кўр-чи! — деди Кесакполвон.— Мен сенга қўл кўтар, демадим, ҳеч бўлмаса ўзингни ҳимоя қилмайсанми?
— Айтмагандингиз-ку?
— Ўзингни ҳимоя қилишингни ҳам биров айтиб туриши керакми? — деди Чувринди.
— Бор, ишингни қилавер.

Йигит чиқиши билан Асадбек Кесакполвонга савол назари билан қаради.
— Зўри шу эди. Ҳали ёш, ўрганиб кетади. Билиб турибман, сен Жамшидга ўхшаганини хоҳлаяпсан. Йигитлар орасида унақаси йўқ бошқа.
— Жамшидни гапирма! — деб бақирди Асадбек.

Жамшидни кўмиб келишганидан бери, айниқса қизи Зайнаб ўзини осиб қўйганидан бери Асадбек юрса ҳам, турса ҳам содиқ йигитини ўйларди. Кўзини юмди дегунича, жингалак сочли Жамшид кўринаверарди. Бу ҳолни у ўткинчи деб ўйларди. Кейинги кунлар ичи Жамшидни ўлимга ҳукм қилганидан ўкина бошлаган ҳам эди. Бошқа одам томонидан бу исмнинг тилга олиниши юрагини жизиллатиб куйдириб турган чўғ устига сепилган мой каби эди.
— Менинг олдимда уни эслай кўрма!

Аёнлар унинг руҳидаги ўзгаришдан бехабар, ҳали ҳам ғазабдан тушмабди, деб ўйлашди. Шу пайт эшик очилди-да, Бўтқа Чувриндини имлаб, «телефонга» деб қўйди.
— Ким экан, шу хонага улавермайсанми?

Бўтқа сирли равишда бош чайқаб қўйгач, Чувринди ажабланиб, ўрнидан турди. Остона ҳатлаши билан Бўтқа секин шипшиди;
— Дўхтир чақиряпти. Бек акамдан яширадиган гапи бор, шекилли?

Чувриндининг назарида табибнинг овози титраётгандай бўлди, шу сабабли хавотирланиб:
— Зайнаб соғми? — деб сўради.
— Зайнаб-ку соғ... — деди табиб мужмал оҳангда.— Боласи тушди. Шуни Бек акамга ўзингиз ётиғи билан айтасизми?
— Янгам қаердалар?
— Қизларининг ёнида йиғлаб ўтирибдилар. Энг муҳими, Зайнаб омон қолди. Хавотир олманглар, ўн-ўн беш кунда оёққа туриб кетади. Кейсерово қиламизми, деб чўчиб турувдик, бу ёғини Худонинг ўзи енгиллаштирди.

Чувринди «хайр» деб гўшакни жойига қўйгач, бир оз ўйланиб турди. Табиб ўзининг зиммасидаги оғир вазифани унинг елкасига ағдарган эди. У хонага қайтганида Асадбек ҳам, Кесакполвон ҳам жим ўтирган эди.
— Нима гап? — деди Асадбек Чувриндининг бўшашиброқ турганини сезиб.
— Касалхонада экан... Зайнабнинг соғлиғи яхши. Фақат... боласи тушибди.
— Нега тушади? — деди Кесакполвон. — Нега яхшироқ қарамадиларинг, демадингми?

Чувринди «нима деяпсиз, эсингиз жойидами?» дегандай им қоқди. Асадбек Кесакполвонга «жим бўл» деб қўйди-да, хаёлини бир ерга жамлаш учун бармоқларига тикилди.

Қизининг юкли эканини билганидан бери дам-бадам туғилажак набирасини кўз олдига келтирмоқчи бўларди. Шириндан-ширин чақалоқ тушларига кирарди. «Тушимда яна чақалоқ кўрдим», деб суюнганида хотини Манзура лабини тишлаб бош чайқаб қўяр- ди-ю, таъбирини айтмасди. Таъбири... демак, шу экан-да? Асадбек ўрнидан туриб, эшик томон юрди. Бир-икки одим босгач тўхтаб, Чувриндига қаради.
— Элчинга хабар бер. Шов-шув қилмаларинг. Одамларнинг билмагани маъқул.

Кесакполвон кузатаман, деган мақсадда ўрнидан турган эди, Асадбек «ўтиравер, эргашма», деди. Кесакполвон остонага қадар кузатиб бориб «ёлғиз қолдирманглар», деб Бўтқага имлагач, жойига қайтди.
— Бугун жа жириллаб қолдингми? Прокурор билмасдан думингни босиб олдими? — деди Кесакполвон ўриндиққа ястаниб ўтириб.
— Бир ниманинг ҳидини олганга ўхшайди, — деди Чувринди унинг қаршисидан жой олиб. — Очиқ айтмади-ю, аммо сездириб қўйди. Ўлик чўлоқмиди?
— Нима?
— Бир оёғи калтамиди?
— Мен қаёқдан биламан, юрғизиб кўриб олибманми? Битта ўлик топиш керак дединг, топиб келдим. Энди менинг бошимни оғритма.
— Ўхшамаганидан топилибди-да. Бек акам-ку, ишондилар. Прокурор дарров ишонадиганмас.
— Ҳей, акоси, эгасиз ўликлар тахланиб турган жой борми? Ё Ҳайдар аканг жингалак соч ўлик туғиб бериши керакмиди?! Айтавер, сен айтсанг, ўлик туғиб бермаган — номард!
— Жаҳлингиз чиқмасин, шошилинчда бўлган иш... Чорасини ўйлашимиз керак.
— Сен бола, бир хил пайтларда жа ўзингдан кетяпсан.
— Ҳайдар ака, сиз шу гапни кўп айтасиз, мен ҳам бир хил жавоб бераман: менинг мақсадим бир — ҳаммамиз бехавотир яшайлик. Биз қилкўприкда юрадиган одамлармиз. Буларнинг қачон оёғи тойиб кетаркин, қачон йиқиларкин, деб умид билан тикилиб турган кўзлар мингта. Ўзимиз эҳтиёт бўлмасак, биров бизни эҳтиёт қиладими, бизга бировнинг жони ачийдими?
— Бу ишинг яхши, гап йўқ! Лекин оширворма, бола. Қил кўприкда юрсак ҳам қўлимиз узун, пастда йиқилишимизни кутаётганлар кўп бўлса, тепада қўлимиздан ушлаб қоладиганлар ҳам бор. Шуни унутма, бўлар-бўлмас гапларни Бекка айтаверма.
— Бек акамга нима дебман?
— Бугунги гапинг шарт эмас эди. Шариф масаласини ўзимиз ими-жимида тўғриласак ҳам бўларди. Орага жононни қўшиб, мени айбдор қилиб қўйдинг.
— Ими-жимида иш қилишга ҳаққимиз йўқ. Бек акам ҳамма нарсадан хабардор бўлишлари керак. Ўнг қўлнинг ишини чап қўл билмаса чатоғи чиқади.
— Сенга ақл ўргатган мен аҳмоқ, — деди Кесакполвон жилмайишга ҳаракат қилиб. — Эҳтиёт бўл, бола, жағингни эзиб қўймайин. Илдизимга болта ураман, деб уриниб юрма.

Кесакполвон бу гапни ҳазил оҳангида айтаётган бўлса ҳам Чувринди ҳазил таги зил эканини фаҳмлади. Аммо сир бой бермаслик учун жилмайиб қўйиб жавоб берди:
— Ҳаммамизнинг илдизимиз бир. Яшамоқ ҳам бирга, ўлмоқ ҳам бирга.

3

Асадбек қизи ётган хонага кирмади. Тўғри, одатда ичкарига эркак зоти қўйилмасди, лекин Асадбек ўтмоқни ихтиёр этса, истисно тариқасида бу қоида бузилуви мумкин эди. У қоидани бузгиси келмади, демоқлик лофга яқин гап бўлар. Асадбек қизи олдида ўзини айбдор ҳис қилар, ана шу ҳис Зайнабга рўпара бўлишига йўл қўймас эди. У қизининг мунгли кўзларига ботиниб қарай олмасди. Фарзандга илашган бир мисқол бахтсизлик отага юз ботмон миқдорида оғир бахтсизлик юки бўлиб эзажагини қизи йўқолиб, топилганидан сўнг ҳис этди.

Табиббошининг хонасида ўтирганида даволовчи табиб тиб илмига хос тилда хасталик сабабларини баён қилди. Унинг гаплари Асадбекнинг қулоғига кирмади. У қовоқларини уюб, бир нуқтага тикилганича ўтирди. Табиб гапини тугатиб, жим бўлгач, унга қаради-да:
— Янгангни чақир, — деди.

Эллик учинчи йилда укаси Самандарнинг ҳеч кутилмаганда шамоллаб, ўлиб қолиши юрагига битмас жароҳат солган эди. Бу жароҳат йиллар ўтиб ҳам тузалмади. Билъакс, яраланган жангчи баданида қолиб кетган темир парчасидай дам-бадам қўзғолиб азоб бериб турди. Бадандаги темир парчасини жарроҳ олиб ташлаши мумкин, аммо яраланган руҳга даво йўқ... Биринчи фарзанди туғилганида бахтиёрлик денгизи узра сузди. Бироқ, бу денгизнинг пўртаналари ҳам бор эди. Бола йўталса ёки иситмаласа Асадбек шайтонлаб қолай дерди. Бола тузалмагунича минг хаёлга борарди. Танчанинг бир четида ётган укаси кўз олдига келаверарди. Самандарнинг иситма оташида ёниб айтган сўзлари қулоғи остида жаранглайверарди: «...самалўт, қанотийни пастлаб ўт...»

Дунё юзини кўрмай ўтган набираси яна жароҳатини янгилади...

Манзура остона ҳатлади-ю, қаддини букиб ўтирган эрига яқинлаша олмай, тўхтади. Назарида эри «Ҳе, ношуд!» деб сўкиб қоладигандай эди. Асадбек хотинига қаради, унга раҳми келди. Манзурага яхши гап айтгиси, кўнглини кўтаргиси келди. Лекин гап тополмади. Рўпарасидаги бўш стулни кўрсатиб, «ўтир» деди. Иккови анчагача жим ўтиришди.
— Бир ойдан кейин ўғилларинг келишади. Икковини баравар уйлаб қўямиз, — деди Асадбек жимликни бузиб. Кўпдан бери хаёлини банд этиб келаётган бу фикрни айнан шу дамда, уйда эмас, айнан шу ерда айтишига сабаб, хотинининг зимистон кўнглига умид чироғини ёқиш эди.
— Худо ўша кунга етқазсин, — деди Манзура титроқ овозда.

«Ҳозир яна бир нарса десам йиғлаб юборади», деб ўйлади Асадбек.
— Сен пиқиллама, ҳали ёш, истаганича бола кўраверади.
— Айтганингиз келсин, илойим... дадаси... болани олиб кўмиш керак. Бу ердагилар ташлаб юборишади.
— Ҳа, ҳа, албатта, — Асадбек шундай деб, телефон гўшагини кўтариб, лозим рақамни терди. Уч қаватли уй ертўласидаги телефончи қизлар унинг овозини таниб, дарров, хос хонани уладилар. Гўшакни Чувринди кўтарди.
— Маҳмуд, — деди Асадбек, — Ҳайдар аканг бу ерга етиб келсин. Сен ўзинг Элчиннинг уйига бориб тур, қабристонга одам юбор. Болани кўмиш керак.

Шундай деди-ю, гўшакни жойига қўйди — ортиқча гап-сўзга ҳожат йўқ эди. Табиббоши дарсга кеч қолган боладай эшикни аста очиб, қаради.
— Кираверинг, — деди Асадбек унга марҳамат қилиб. — Айтинг, болани тайёрлаб қўйишсин...
— Олиб кетасизларми? — деди табиббоши ажабланиб. — Одатда кўпчилик...
— Мен кўпчилик эмасман...

Ҳайдар етиб келиши билан Элчиннинг уйига жўнашди.

...Асадбек қабристонларда кўп марта бўлган. Аммо бу сафар ўзи ҳам англамаган ғалати бир кайфиятда кириб, ғалати бир кайфиятда чиқди. Илгари у баҳайбат қабртошларга эътибор бермас эди. Бугун не учундир бу тошлар ғашига тегди. Гарчи ер остида, индамаслар оламида ётганлар бир хил либосда, бир хил кўринишда бўлсаларда, уларнинг тепалари турли ҳолда безалган: бир қабр шунчаки сомон сувоқ қилиб қўйилган, бошқаси устида оқ мармар, қора мармар... ҳатто ҳайкаллар... Бўй баравар бир ҳайкал қўлини кўксига қўйиб турибди. Шом қоронғусида ўтган одам қўрқиб кетиши ҳеч гапмас — худди майит ер остидан чиқиб «Хуш келибсиз, қани, ичкарига марҳамат», деб тургандай...

Баҳайбат қабртош ёнида боланинг қабри бир уюмгина тупроқ бўлди. Худди болалар ҳаммомпиш ўйнашга тўплаган тупроқдайин...

4

Қуёш ботаётган маҳалда Манзура касалхонага — қизи ёнига, Асадбек ҳувиллаб ётган уйига қайтди. Унинг кўнгли ёлғизликни истаётган эди. Танҳо қолиб, танҳолик исканжасида эзила бошлади. Уйга кирди, ҳовлига чиқди. Худди йўқотган бир нарсасини қидираётгандай ивирсиди. Кесакполвонни чақиртирмоқчи бўлганида, дарвозахонада таниш овоз эшитилди — Жалил! У одати бўйича, биров эшитса-эшитмаса дарвозахонадаёқ гапини бошлаб юборган эди.
— Сен ҳам одамга ўхшаб уйингда ўтирар экансан-ку, а? — деди у Асадбек билан саломлашгач.
— Дайдиб юрганимни кўрганмидинг? — деди Асадбек, уни айвонга бошлаб.

Жалил икки киши бемалол сиғадиган юмшоқ ўриндиққа ўтириб, чордана қуриб олди-да, фотиҳа қилди. Сўнг «ширин сўзлик» билан ҳол сўради:
— Ҳа, тинчликми, қовоғингдан қор ёғиб турибди?
— Қовоғим жойида, қор ёғаётгани йўқ.
— Бекор айтибсан. Мен девор бўлмаса кўчани кўрадиган одамман. Манзуранг қани?
— Касалхонада.
— Ана, биламан-да! Зайнаб тузукми?

Асадбек «Зайнабнинг тоби йўқлигини қаёқдан билдинг?» дегандай унга ажабланиб қаради.
— Менга бунақа қарама. Ҳовлига ўтувдим. Эшитдим. Зайнаб ўзини осиб қўйганмиш. Шу ростми ўзи?
— Рост...
— Нима гап ўтувди?
— Ҳеч гап.
— Бекордан-бекор одам ўзини осарканми? Каллангни ишлатиб кўрмадингми?
— Сасима. Ишинг бўлмасин.
— Ишим-ку, бўлмайди, оғайничалиш. Сенга ачинаман-да. Ҳар ҳолда қиз ўртоғимсан. Жаҳлинг чиқса ҳам рост гапни айтайми?
— Айт.
— Пули кўпнинг ақли камроқ бўларкан. Худо сенга бойлик бердими — берди. Обрў берди, хуллас, нимаики хоҳласанг ҳаммасини берди. Эвазига биттагина иш буюрди, шуни қилмайсан, а?
— Нима иш?
— Намоз ўқиш-да! Ўқисанг ўлиб қоласанми?
— Вақт-соати келар.
— Масжид қурдирганинг нимаси-ю, ўзинг намоз ўқимаганинг нимаси?
— Ишинг бўлмасин, дедим.
— Хўп, ишим бўлмаса бўлмай қўя қолсин. Ҳозир жаҳлинг чиқиб турибди, гап ёқмайди сенга. Лекин билиб қўй: мендақа оғайнини бошқа топа олмайсан.
— Ким ўзини мақтарди?
— Хўп, мен аҳмоқман. Лекин билиб қўй: ўша аҳмоқ ошнанг сенинг фақат бугунингни эмас, охиратингни ҳам ўйлаб гапиряпти бу гапларни. У дунёда мен жаннатда юрсаму сен дўзахда юрсанг, менга алам қилади.

Бу гапни эшитиб Асадбек кулимсиради.
— Нимага ишшайяпсан? — деди Жалил аччиқланиб.
— Ўзинг намозни қачон бошладинг?
— Ярим йилдан ошди.
— Жаннатга кириш учун ярим йил намоз ўқиш етарли эканми? Сенга ҳозирнинг ўзида «жаннатга кирасан» деган патта бериб қўйишдими?
— Сен бола мени масхара қилма. Мен ярим йил намоз ўқиб, эрта-индин ўлиб берадиган аҳмоқ эмасман. Худо хоҳласа, юзга кириш ниятим бор. Ҳассага суяниб, мункиллаб юрганингда бир кулайин...
— Ўзинг мункаймайсанми?
— Йўқ, менинг суягим меҳнатда қотган. Маишатни зўр қилган одам тез мункаяди. Кам еб, сабр қилиб юрган одам қариганида ҳам бақувват бўларкан.
— Қаригунча йўғон ингичкалашиб, ингичка узиларкан...

Бир оз асабий ҳолда бошланган суҳбат шу зайлда юмшаб қоронғи тунга қадар чўзилди. Жалил Зайнабни ҳам, бўлиб ўтган нохуш воқеаларни ҳам бошқа эсламади. Ўзининг содда гаплари билан ошнасининг кўнглини овлаб ўтирди. Уйига кетишга ҳаракат ҳам қилмади. Асадбек ичкаридан кўрпачалар олиб чиқиб, ҳовлидаги сўрига ўрин солди. Яна аллақанча вақтгача суҳбатлашиб ётдилар. Жалил «ерталаб ишга бораман» деб кўрпага бурканганида тун яримлаб қолган эди.

«Чиндан ҳам бунақа ошнани топа олмайман», деб ўйлади Асадбек.

Асадбек шу пайтгача ҳовлидаги сўрида ётмаган эди. Шунинг учун ҳам болохонадаги йигитлар бу тунни янада сергак ҳолда ўтказдилар.

VII боб

1

Аеропортга кираверишда йиғлаб турган аёл Зелихонга танишдай туюлди. Бу гўштдор аёл туркларни олиб кетган автобус карвони изига кўз тикканича йиғларди. Ичкаридан узун бўйли, қорин қўйган, башанг кийинган Селим чиқиб келгач, ўн беш кун илгари эрини жон-жаҳди билан ҳимоя қилган бу хотинни таниди.
— Нима қилиб турибсан, кир ичкарига! — деб жеркиди Селим.
— Бувимларни кўрдим,— деди аёл йиғидан тўхтамай.
— Кўрган бўлсанг, яхши, тирик экан. Кейинроқ топамиз. Осмонга чиқиб йўқ бўлиб кетишмайди, ўлмай қолганига қувонсанг-чи! — Шундай деб ўзига яқинлашаётган Зелихонга кўзи тушди-ю, ранги оқариб кетди: — Зели оға?
— Кўринишинг бинойи...— деди Зелихон унга бошдан-оёқ разм солиб.— Уйинг ёнмаганга ўхшайди, а? Бўри билан шундай шартлашганмидинг?

Аёл эрининг қўлидан ушлади.
— Юринг, бу ерда турмайлик.
— Сен ичкарига киравер, қўрқма, эрингни еб қўймайман. Буни ит еса, ит ҳам ҳаром ўлади.
— Агар яна тегсангиз дод соламан, милиса чақираман,— деди аёл.
— Милисанинг эрингни ҳимоя қилишдан бошқа ташвиши йўқми? Бор, деяпман, эркакларнинг гапига сен аралашма. Ҳозир буни чертишдан ҳам ҳазар қиламан. Буни уриш билан иш битмайди, буни биратўла отиш керак!

Бу гапдан кейин аёлнинг эсхонаси чиқиб, эрига қалқон бўлмоқчи эди, Селим уни силтаб ташлади:
— Ичкари кир, дейилгандан кейин кир. Болаларга қара!

Аёл эрига бўйсуниб, ичкарига кирди.
— Мен бунчалик бўларини кутмаган эдим,— деди Селим ўзини оқлаш ниятида.
— Қанақа бўлади, деб ўйловдинг?

Селим «билмайман» дегандай елка қисди.
— Бўри қаерда?
— Билмайман, уни ўшандан бери кўрмадим.
— Нега кетяпсан, сенга тегишмабди-ку?
— Билиб бўладими, бугун бўлмаса, эртага...
— Шундай уйни ташлаб кетаверасанми?
— Пича вақт ўтсин, тинчисин, келиб сотиб кетарман.
— Сотолмайсан.
— Нега, Зели оға?
— Уйингни бугуноқ ёқаман.
— Йўқ, Зели оға, болаларимга раҳмингиз келсин, мени хонавайрон қилманг.
— Сени хонавайрон қилиб бўларканми? Нечта чамадон билан кетяпсан.
— Кўп эмас,— деди Селим довдираб,— олтита. Кичкина чамадонлар.
— Бошқалар,— Зелихон автобуслар карвони кетган томонга қараб қўйди,— битта кўйлак билан кетишди. Оғам Исмоилбейга кафанни ўзбеклар беришди.
— Оғам ўлдиларми?
— Ҳа... менинг бобомни ҳам ўзбекларнинг ўзлари кафанлаб кўмишган эди. Шу нарсага ақлинг етадими сенинг?
— Ҳа, тушунаман. Ёмонлик исташмас эди.
— Йўқ, тушунмайсан. Тушунганингда олтита чамадонни лиқ тўлдириб қочмас эдинг. Бошқалар билан бирга бўлардинг. Сен хунасани барибир отаман. Қаёққа борсанг ҳам излаб топиб, отаман. Тўппончам бўлганида ҳозироқ отар эдим. Майли, яна озгина яшай қол. Озгина бўлса ҳам дарбадарлик нима эканини билиб қўй.
— Зели оға, ундай деманг, сизни ҳурмат қиламан.
— Ҳурмат қилмай қўя қол. Бор, ичкарига кир, хотинингнинг юраги ёрилиб кетмасин. Сен мени кутгин, бир кунмас-бир кун уйингга кириб бораман. Агар бир бало бўлиб қамалиб кетсам, одам юбораман. Сени ўлдириш энди менга қиёмат қарз!

Зелихон бу гапларни атайин уни қўрқитиш учун айтган эди. Унинг назарида Селимга битта ўқ кифоя эмас. У бундан буёнги ҳаётини қўрқувда, талвасада ўтказиши лозим эди.

Селим чиндан ҳам қўрқди. Аммо шу оннинг ўзида Зелихондан осон қутулаётганига қувониб, хайр-маъзурни насия қилгани ҳолда ичкарига кирди. Бундан Зелихоннинг аччиғи чиқди. Ичкари кириб бир адабини бермоқчи ҳам бўлди. Шу онда қандайдир бир ғойибона овоз: «ўзинг-чи, жонингни сақлаб қолган одамга хайр ҳам демай кетмоқчисан-ку?»— деди. «Ҳа-я,— деди у ўзига-ўзи,— Йигиталига учрашмай кетсам, дуруст бўлмас». Шу қарорга келиб, шаҳарга қатнайдиган автобусга ўтирди. У Йигиталиникига бу усти-бош билан бориб бўлмаслигини, соқчилар кўпайгани, шубҳали одамлар ҳибсга олинмоғи мумкин эканини биларди. Шу боис аввал Надяникига бормоқни, ювиниб-тараниб, сўнг Йигиталига учрашмоқни афзал кўрди...

...Эшик дарров очилмади. Қўнғироқнинг иккита қисқа, учта узун жиринглаши ҳам ичкаридагиларга таъсир этмади. Қўнғироқни қайта-қайта босавергач, эшик қия очилиб, сочлари тўзғиган, ўнг қўл бармоқларига сигарет қистирган Надя кўринди.
— Зеля, сенмидинг? — деди у хушламаган бир оҳангда.
— Надуля, меҳмонни яхши кутиб олмаяпсан? — деди Зелихон ичкари кириб, унинг белига қўл юбориб,— нима бўлди, тинчликми?
— Жонимга тегдиларинг, ҳаммаларинг! — Надя шундай деб унга эш бермай, ошхона томон юрди. Газ плитаси устидаги гугуртни олиб, сигаретни тутатди.

Зелихон ажабланиб, катта хона эшигини аста қиялатиб, ичкарига мўралади: икки йигит диванда бир-бирининг елкасига бош қўйиб ухлаб ўтирибди, яна бири устол оёғини қучоқлаган ҳолда қотган. Димоғига наша ҳиди урилиб, бурнини жийирди. Зелихон бу йигитларни танимади. Ичкарига кириб ўнг томондаги ётоқ эшигини очди. Икки ўринли каравотда ётган, чап қулоғининг остидан оғзигача тиртиғи бўлган йигитни дарров таниди — Федя. Устига бостириб бориб, бўғиб ўлдиргиси келди. Лекин бу уйда гувоҳ борлигини эслаб, ўзини тутди. Ғижим ёстиққа қараб, заҳарли жилмайди. — Надянинг ҳозиргина шу ўриндан туриб чиққанини фаҳмлади. Ошхонага чиқиб, унинг белидан қучди.
— Надуля, базм зўр-ку? Ҳалақит берибман-да? — деди уни эркалаб.— Беармон тортишибди-ку?
— Бунинг Бўри эмас, тўнғизнинг ўзи бўлибди. Кечадан бери тортишади. Қаёқдан келишди бу бошимга битган балолар? Ўзинг қаёқда эдинг? Башарангдан ит ҳам қўрқади.
— Олатасирнинг ичида юрибман.
— Сенга ярашмас экан.
— Нима ярашмайди?
— Эгасиз уйларни ўмаришни айтяпман. Бу Академикнинг иши эмас, ё шунчалик тубанлашиб кетдингми?

Зелихон «дўстим билан бирга эдим», демоқчи бўлди-ю, «барибир тушунмайди», деб индамай қўя қолди.
— Ичасанми? — деди Надя қопқоғи очилган ароқ шишасини қўлга олиб.
— Йўқ,— деди Зелихон.
— Мен билан озгина ич, юрагим тарс ёрилай деяпти,— шундай деб икки қадаҳни тўлатди-да, бирини олиб, сўз айтмаёқ ичиб юборди.
— Сенга нима бўлди? — деди Зелихон.
— Нима бўлганини сезмаяпсанми? Дўзахнинг эшиги очилиб кетганга ўхшайди. Қўрқяпман. Худди уйимга бостириб кириб, ёқиб юборишаётганга ўхшайди.
— Бу ерларга қачон келгансан?
— Бу нима деганинг? Шу ерда туғилганман.
— Шу ерда туғилсанг ҳам бу одамларни билмас экансан.
— Ҳозир ҳеч кимни билиб бўлмайди.
— Надуля, сен бу ердан кетишинг керак. Истасанг, олиб кетай?
— Нима учун?
— Анавиларнинг изига тушишган. Буларга қўшиб сени ҳам жойлаб қўйишмасин. Ғалваларнинг бошида шулар туришди. Белгили одамлар. Булар қутулиб, сен эса тутилиб қолишинг мумкин. Уйда қўрқиб ўтирувдим, деган гапингга ишонишмайди.
— Шуни айтгани келдингми?
— Ҳа.
— Овора бўлибсан, мени ҳеч ким илинтира олмайди.
— Академикнинг гапига кирмаганлар хор бўлади, билиб қўй. Мен бекордан-бекорга гапиравермайман.

Надя бир оз ўйланди. Шу пайт Зелихон хаёлига яхши фикр келди:
— Надуля, менга игна бер,— деди у.

Ўйга ботиб турган Надя бу гапдан кейин ажабланиб, унга қаради.
— Нима қиласан? Сенинг бунақа одатинг йўқ эди-ку?
— Одам ўзгариб туради, Надуля. Игна бер. Доридан ҳам бер, кўпроқ бер.
— Кўпроқ? Кўпроқ учун кўпроқ пул керак, яхши йигит.
— Мен сендан қарз бўлиб қолганманми ҳеч? Дорини беру ўзинг кет бу ердан. Пулни кечки пайт оласан. Қаерда бўлишингни айтсанг бас.
— Шу ерда тур,— Надя хожатхонага кириб, эшикни занжирлади. Бир оздан сўнг бешта тселлофан халтачадаги кукунни узатди:
— Бори шу.
— Надуля, сен менинг қуёшимсан! — Зелихон шундай деб томоғидан ўпмоқчи эди, у ўзини олиб қочди.— Сен кетавер, Надуля, мен Бўрининг ўзига келишини кутаман. Унда ҳисоб-китобли ишим бор.
— Ҳали-бери ўзига келмайди, роса тортиб, ўлгудек ичган. Сен шу ерда тур.

Надя ярим соат мобайнида нарсаларини йиғиштирди-да, бир-икки кун мобайнида қаерда бўлишини айтиб, чиқиб кетди.

Надя чиқиб кетиши билан Зелихон ишга киришди. Ҳожатхонага кириб қорадори кукунини излади. Надя, гарчи узоқ йиллардан бери ўғрилар билан бирга бўлса-да, хотинлигига борган, ҳожатхонага кириб, кукун қаерда бўлиши мумкин эканини билдириб қўйган эди. Зелихондай тажрибали ўғри учун кукун конини топиш оғир вазифа эмасди. Катта-кичик турли қувурлар ўтган мўри эшигини очиб, диққат билан кўздан кечирди. Унинг зийрак кўзи қувурлар ортидаги ингичка, пишиқ оқ канопни илғади. Канопни аста тортди. Бир қулоч узунлигидаги канопга пишиқ капрон халта боғланган, халтада эса сотиш учун тайёрлаб қўйилган йигирмага яқин халтачалар бор эди. Зелихон яна бешта халтача олди-да, халтани жойига туширди. Сўнг чиқиб, рўмолчасини хўллагач, қўли теккан эшик тутқичларини артди. Кейин кукунга сув қўшиб, суюлтирди. Федя ётган хонага кирди-да, ҳар эҳтимолга қарши унинг оёқларини боғлади. Сўнг резина ичак билан билагини маҳкам боғлаб, қўл томирларини аста шапатилади. Томир бўртиб чиққач, игна санчди. Ҳам нашанинг, ҳам ароқнинг кайфидан беҳуш ётган Федя қимирлаб ҳам қўймади. Миқдори анча оширилган қорадори томирдаги қонга қўшилиб, уни йўқлик дунёсига олиб кетмоғи лозим эди. Катта хонадаги йигитлар қисмати ҳам шу эди. Ишни бажариб бўлгач, уларнинг чўнтакларини кавлаб, пулларини ола бошлади. Ерда ётган йигитнинг чўнтагидан чиққан тугилган рўмолчани ечиб, тилла тишларни кўрди-ю, ғазабига чидолмай унинг қорнига тепди.

Зелихон бармоқ излари тушиши мумкин бўлган жойларни яна бир карра артгач, уйдан чиқди. Шу яқин орадаги телефонга бориб, милитсияга қўнғироқ қилди. «Туркларнинг уйини ёққанлар» қаерда ётганлиги ҳақида маълумот берди. Орадан ярим соат ўтгач, милитсия машинаси келиб, тўхтаганини кўриб, хотиржам кетди. Марказий магазинга кириб ўзига янги уст-бош олди, сартарошхонага ўтди, ундан ҳаммомга тушди. Шундан кейингина Йигиталиникига қараб кетди. Йўл-йўлакай китоб дўконидан муқоваси чиройли иккита қалин китоб сотиб олди.

Кечагина қиёмат содир бўлган ерда энди осойишталик ҳукм сурмоқда эди. Ёнган уйлар, кўчада юрган қуролли аскарларгина нотинчликдан дарак бериб турарди. Соқчилар башанг кийинган, сочларига оқ оралаган, китоб кўтариб олган бу одамни тўхтатмадилар. Зелихон ҳам атрофига аланглаб, уларда шубҳа уйғотмади. Фақат Исмоилбейнинг ёниб кетган уйи олдида бир зум тўхташга мажбур бўлди, тескари қараб ўтиб кета олмади. Ўша томонда Исмоилбей хўрсингандай бўлди, сўнг гўё пичирлади: «Қўнма булбул, қўнма булбул...»

Йигиталининг эшиги очиқ эди. Зелихон ичкари кириб, айвонга яқинлашгач, овоз бериб чақирди. Йигиталининг хотини ҳовли этагида, қўйхонада экан, Зелихонни кўриб, аввал танимай бир оз довдиради.
— Мен қўшнингиз Аҳадбейнинг ошнасиман. Анави куни Йигитали акам мени қутқариб қолувдилар, раҳмат айтай деб келдим.

Аёл энди уни таниган бўлса ҳам дарров жавоб қайтармади. Зелихоннинг назарида у нимадандир чўчиётгандай эди.
— Йўқ бўлсалар майли, раҳматимни етказиб қўярсиз. Яна айтингки, Исмоилбей оғам оламдан ўтдилар. Кеча кўмдик. Аҳадбейларни бугун самолётга ўтқазиб олиб кетишди. Жойлашиб олишганидан сўнг сизларга хат ёзишади. Унгача уйларидан хабардор бўлиб турарсиз... Хабар оладиган уй ҳам қолмабди...
— Тўхтанг, у кишим уйдалар, дам олаётувдилар,— аёл шундай деб, шошилганича уйга кирди. Дам ўтмай бошини оқ белбоғ билан боғлаган Йигитали кўринди. Зелихон унинг ўнг кўзи атрофи кўкариб қолганидан ажабланди. Назарида бурни ҳам шишгандай эди.
— Бошга тушганни кўз кўрар экан,— деди Йигитали, худди Зелихон уни айблагану энди ўзини оқлаш лозим бўлгандай.— Емаган сомсага пул тўлаб келдим. Сизлар билан хайрлашганимдан бери уйга эндигина етиб келдим.

Йигитали шу кўча бошида соқчилар тўхтатишганини, тунни тор қамоқхонада ўтказганини айтиб берди.
— Шу пайтгача биров «нима учун ёнингда пичоқ олиб юрибсан?» демовди. Қаранг-а, шу ҳам қурол ҳисобланаркан. Бошимга бало бўлди-да. Аввал бир номард йигитнинг қўлига тушиб қолдим. «Бўйнингга оласан, шерикларингни ҳам айтасан», деб туриб олди. «Энди ўлдим, шу қамоқда чирийман» деб ўйладим. Йўқ, Худонинг раҳми келди. У номарддан мана бу,— Йигитали кўз остини силаб қўйди,— эсдалик бўлиб қолди. Ўрнига бир инсофлиси сўроқ қилди. Бахтимга маҳалладан йўқлаб боришди, барака топишсин. Автобусда адирга бориб келганим ҳам бахтимдан бўлган экан, буни қаранг-ки автобус нўмерини эслаб қолган эканман. Шопир йигитни бугун эрта-маттан топиб келишди. Шундан кейин чиқаришди, денг. Шунда ҳам тилхат ёздириб олишди.
— Қанақа тилхат? — деб сўради Зелихон.
— Берухсат ҳеч қаёққа чиқмайман, деб тилхат бердим. Шу ёшга чиқиб, борган ерим бу ёғи Марғилон, бу ёғи Фарғона бўлди. Қўқон билан Тошканни телевизорда кўрганман, энди қаёққа борардим?

Йигитали соддалигига бориб, туҳмат балосидан бутунлай қутулдим, деб ўйлаётган эди. Бу соҳани ипидан-игнасигача яхши билувчи Зелихон эса дўппи тор келиб қолиб, айбдорлар топилмаса, яна Йигиталига ёпишишлари мумкинлигини ҳис этди. Шу сабабли суҳбатлаша туриб, у ён-атрофда яшаган туркларнинг исм-шарифларини сўраб-билиб олди. Йигитали Зелихон нима учун синчков бўлиб қолди, деб ўйлаб ҳам ўтирмади. У орадан бир ой ўтиб, Аҳадбей ва бошқа қўшнилар номидан ёзилган миннатдорлик мактубини олади. Худди шундай мактуб обкомга ҳам келиб, матбуотда эълон қилинади. Йигитали бу мактублар Зелихон қўли билан ёзилиб, Кавказдан жўнатилганини билмайди. Орадан икки ярим ой ўтиб, яна турмага тушай деганида шу мактуб жонига ора киргандагина Зелихон билан бўлган сўнгги суҳбат ёдига тушади...

2

Зелихон охирги самолёт билан қайтди. Тўғри Элчинникига кириб, у билан хайрлашмоқчи, эрталабки рейс билан Адлерга учиб кетмоқчи эди. Элчиннинг ёлғиз шумшайиб ўтирганини кўриб, кетишга шошилмади. Бўлиб ўтган воқеаларни эшитгач, боши қотди.
— Ўқилоннинг ҳийласига тан бермасдан бошқа илож йўқ,— деди Зелихон,— буни аввал бошдан ҳисобга олишимиз керак эди. Оддий масалага ақлимиз етмабди. Аҳмоқ одам бу даражага кўтарилмайди, тўғрими? Сен билан мен уни аҳмоқ қилмоқчи бўлибмиз. Энди сен бу ерлардан кетишинг керак.
— Нима учун?
— Энди Зайнаб сенга хотин бўлмайди. Туғиб берганида Асадбекнинг соясида роҳат қилиб яшайверардинг. Зайнаб сен билан яшамаса, Асадбекка керагинг йўқ. Жамшиднинг ўлимини сендан кўраётган бўлса, энди тинч қўймайди. Бугун бўлмаса эртага ўлдиради сени. Лаш-лушларингни йиғиштиру мен билан бирга кет.
— Сиз қаёққа кетмоқчисиз?
— Ҳозирча Адлерга. Кейин ўйлаб кўраман. Балки ота юртимга борарман. Балки Сочида дам оларман. Хўп, де, мен билан бирга кетавер.
— Ўйлаб кўрай... Шу туришимизда ҳозир оҳанрабонинг икки қутбига ўхшаб қолибмиз. Сизни қон ота юртга тортяпти, мен эсам ота юртни ташлаб чиқиб кетишим керак.
— Сафсатангни қўй. Ота юртимнинг «Зелихон қачон келаркин?» деб кўзи учиб тургани йўқ. Мени Қувасойда ёки Фарғонада кўрган бўлишлари мумкин. Анави хунаса Селим эсингдами, шулар ёлғон гувоҳлик ҳам бериб юборишдан тоймайдилар. Ғалвалардан четроқда юра турай. Кейинроқ қайтиб келаман. Сен ҳам, мен ҳам оғайни, бу дунёга ўлим билан беркинмачоқ ўйнагани келганмиз. Ўлим тўр ташлайди, биз эса чап берамиз, ўлим йўлларимизга қопқон қўяди, биз эса зийраклик қилиб сакраб ўтиб кетамиз. Оғзимизни очиб лалайдикми, тамом!

Зелихон шундай деб соатига қаради:
— Телевизорни қўй, «Время»ни кўрайлик-чи?

Бир неча дақиқадан сўнг Фарғонадаги фожиалар ҳақида хабар берила бошлади. Мухбир жангарилар тушган катта юк машинаси Қўқон сари катта тезликда бораётганини хавотир билан баён қилар эди. Вертолётдан туриб олинган тасвирда калтаклар билан «қуролланган» йигитлар кўринди. Мухбир уларнинг гиёҳванд эканликларини қайта-қайта таъкидлади.
— Вой галварслар! — Зелихон шундай деб тиззасига урди-да, ўрнидан туриб кетди.— Эшитяпсанми? Гиёҳвандлар экан?! Тўғри, наша чекиб, балки устидан ароқ ҳам ичиб олишгандир бу хумсалар! Қараб тур, улар Қўқонга эсон-омон етиб олишади. Кейин ўша ерда тўполон бошлашади.
— Нега жаҳлингиз чиқяпти, ёлғон гапиряптими?
— Рост гапиряпти! Лекин бу хумсаларни нима учун тўхтатишмаяпти?! Қара, тепадан вертолёт билан кузатиб боришяпти. Вертолётни пастлатсин, болаларнинг кайфи учиб қочиб қолишади. Йўлга биттагина тракторни кўндаланг қўйсин, қаёққа ўтишади булар? Сен банкни уриб шу йўлдан қочгин, қанча юришга улгураркинсан? Йў-ўқ, кимгадир керак бу. Кимдир шу болаларнинг Қўқонга етиб боришини истаяпти. Ўлим тўрини ёйиб турибди буларга, булар эса нодон қушга ўхшаб ўзларини тўғри шу тўрга уришади. Булар тўрга чап беришни билишмайди.

Зелихон шундай деб телевизорга яқинлашди-да, муштлади. Тасвирдаги машина бир сапчиди-ю, сўнг йўлида давом этаверди.
— Сиз бировлардан гумон қиляпсиз. Ким қилади бу ишларни? Қирғин кимга керак?
— Агар сиёсатчи бўлганимда калламни ишлатиб, сенга аниқ жавоб берардим. Мен оддийгина ўғриман. Ҳамиша гумонда юриш менинг касбим. Бировга ишонган куним мен тамом бўламан. Бир одамдан эшитганман — сиёсатни фоҳишага ўхшатган. Сиёсат бировга вафо қиладиган нарса эмас экан. Шунинг учун ҳам саволларингга ҳеч ким, ҳеч қачон жавоб бера олмайди.

Зелихон бу кеч иситилган кабобдан озгина еб, тўйиб ароқ ичди. Эрталаб Элчиндан икки минг сўм қарз олди-да, Адлерга учиб кетди.

VIII боб

1

Зелихон телевизорни жаҳл билан муштлаган маҳалда Асадбек ўз уйида аъёнлари қуршовида ўтирар эди. У ҳам мухбирнинг гапларидан ғижиниб, сўкинди. Кесакполвон эътиборсиз ҳолда, Чувринди эса жағини муштига тираб, диққат билан қулоқ тутарди. Мухбирнинг сўзлари тугаб, Масковдаги Олий кенгаш сессияси уланди. Фарғонага келиб кетган раҳбар депутатлар талаби билан сўзга чиқиб тушунтириш бера бошлади. «Жанжал қулупнойдан чиқди», деб ишонтирмоқчи бўлганида Асадбек унинг етти пуштини ўқиб ташлади.
— Маҳмуд,— деди у,— ҳозир шу телевизорни қанча одам кўриб турибди?
— Бир-икки юз миллион бордир? — деб жавоб берди Чувринди, диққатини бўлмаган ҳолда.
— Бир ўзи шунча одамни аҳмоқ қила оламан, деб ўйлаяптими?
— Гапига ишонмаяпсанми? — деди Кесакполвон суҳбатга қўшилиб.
— Сен ишондингми?
— Ишондим нимаю ишонмадим нима?
— Ҳа сенга барибир. Сен ишқи йўқ эшак, дарди йўқ кесаксан.
— Сал пастроқ туш,— деди Кесакполвон сал ранжиганнамо оҳангда.
— Пастга тушсам, тушмасам, шунақасан. Кеча депутатга қўшиб сени жўнатсам бўларкан.
— Қаёққа?
— Фарғонага?
— Кетдими? — деди Чувринди, телевизордан кўз узиб.
— Ўчириб қўя қол,— деди Асадбек. Чувринди буйруқни бажаргач, кечаги воқеани айтиб берди: — Кечга яқин телефон қилиб қолди. «Ака, аҳвол чатоқ, мен билан Фарғонага бориб келмасангиз бўлмайди», дейди ҳовлиқиб. «Нима гап?» десам, «йўлда тушунтириб бераман, аеропортга келаверинг», дейди. Аҳмоқ бўлиб борибман. «Сиз у томонларда кўп одамларни танийсиз. Мени ўша ердан сайлашган бўлса ҳам ҳеч кимни танимайман, ёнимда юринг», дейди. Қип-қизил аҳмоқ, ўша депутатинг. Онасини учқўрғондан кўрсатмоқчи бўлдиму, жойи эмас, дедим.
— Мен тупурган тупугимни қайтиб оғзимга олмайман,— деди Асадбек.
— Ўжарлик қилма, бурнига сув киргандир.
— Маҳмуд, сен аниқлаб кўр, нима учун тушум камайибди?
— Аниқлашнинг ҳожати йўқ,— деди Чувринди хотиржам оҳангда.— Ҳайдар акам тўғри гапиряптилар. У заводни эплай олмайди. Қуруғидан тортишга берилиб кетибди. Хонасига кирган одам дарров билади. Яна тортмайман, деб тонади. Ейдиганини еди.
— Дўхтирга кўрсат, девдим-ку?
— Олиб бордим. Дўхтир бир илож қиламиз, деди. Лекин дўхтирдан дорини олиб чиқиб, бу ёқда яширинча тортиб юравериши ҳам мумкин. Иродаси бўш унинг. Агар хўп, десангиз бир таклиф бор.
— Айтавер.
— Қилични чиқартириш керак. Лекин уни ўрнига қўйиб бўлмайди.
— Нега? — деди Кесакполвон ажабланиб.
— Негаки, ўтириб чиқди, деган номи бор. Яна партиядан ўчириб қўйишган. Жойига қўймоқчи бўлсак, юқоридагилар хитланишади. Тикланиб олгунича Шарифга ёрдамчидай бўлиб турсин, аммо ҳамма ишни ўз қўлига олсин.

Асадбекка бу таклиф маъқул бўлса ҳам «Ўйлаб кўрай», деди.
— Кўп ўйлама,— деди Кесакполвон.— Заводга харидор чиқиб турибди. Оғзингдаги луқмани олдириб қўймагин тағин.
— Ким экан ўша харидор? — деди Асадбек жеркиб.
— Бегона эмас, уканг Ҳосил-да. Бир жойда «винзавод бизга ҳам насиб этиб қолар» дегандай гап қилибди.
— Тушини сувга айтсин,— деди Асадбек.— Винзаводга яқинлашадиган одам ҳали отасининг белида юрибди.

Бу гапдан кейин Кесакполвон билан Чувринди маънодор равишда кўз уриштириб олишди. Улар ташвиш булути Асадбек боши узра ҳамон кўланка ташлаб тургани учун унинг жиғига тегадиган гаплардан ўзларини тияётган эдилар. Винзавод тақдири эртага қолдирилмай шу бугуноқ ҳал этиладиган масалалар тоифасидан бўлгани учун Кесакполвон эҳтиётлик билан шамаъ қилиб қўйган эди.

Гарчи Асадбек катта кетган бўлса ҳам, айўнларининг ташвиши бекор эмаслигини фаҳм этди.

2

Манзура ҳали ҳам касалхонада бўлгани учун ошхона болохонадаги йигитлар ихтиёрига берилган эди. Улар овқатланиб бўлишгач, хизматдаги йигит дастурхонни йиғиб олди.
— Ҳалиги гапни домлангдан сўрадингми? — деди Асадбек Чувриндига қараб.
— Сўрадим,— деди Чувринди, чойни қайтара туриб.— Кўнгиллари нима истаса шуни қилсинлар, кичикроқ худойи бўлса худойи, каттароқ ош бергилари келаётган бўлса, унга ҳам йўл бор, бераверсинлар, деди.
— Ҳа, худойи қилмоқчимисан? — деб сўради Кесакполвон Асадбекдан.
— Шунга бошим қотиб турибди. Бир нима қилиш керак-ку? Анави куни, Жалилдан сўровдим. Ош-пош берсамми, десам бобиллади. «Неваранг ўлик туғилганига қувониб ош берасанми?» дейди. Шунга ҳайрон бўлиб Маҳмудга «домлангдан сўраб кўр» девдим. Домла бунақа деб турибди.
— Домланинг айтганини қиласиз-да, Жалил ака домла эмас-ку?
— Домла эмас, тўғри, лекин одамлар ичида кўп юради, паст-баландни билади. Собитхон қорининг этагидан ушлаб юради, у-бу гапларни эшитиб ўрганган.
— Бунақа гапларни мен ҳам унча яхши билмайман. Лекин менга қолса ҳеч нима қилмаганинг дуруст.
— Нега?
— Масжид қурдиряпсан, шунинг ўзи етади. Худойи бўлса, шунчалик бўлади-да. Домлаларнинг гапларига учаверма. Об-ҳавога ўхшаб гаплари ҳам ўзгариб туради. Худойига бориб, ош-овқатни еб, кетишида яна чўнтакка кўз тикиб турадиган домлангни мен сариқ чақага ҳам олмайман.
— Унақа деманг, Ҳайдар ака, улар берсангиз олишади, бермасангиз ҳам дуо қилиб, индамай кетишади.
— Ёнини олма уларни. Бек худойи қилса, ўнтаси келиб қўл қовуштириб туради. Жалил қилсин-чи, ўнтаси ўнта баҳона қилади. Отарчи нимаю улар нима?
— Унчалик эмас, Ҳайдар ака, яхши билмасангиз гапирманг.
— Хўп, мен яхши билмайман. Лекин шунда ҳам сен билан гаров ўйнайман. Сен каттароқ нарсангни тик. Бек, сен худойи қил, ўша куни, ўша соатга битта камбағал номидан домлани айттираман. Кейин сен айттирасан. Қани, кимникига келаркин?

Агар болохонадаги йигит тушиб, бир одам йўқлаётганини айтмаганида уларнинг баҳси яна пича чўзилиши мумкин эди.
— Ким экан? — деди Кесакполвон, энсаси қотиб.
— Собитхон қори номидан келганмиш.
— Оббо,— деди Кесакполвон,— Ҳизрни йўқлаётган экансан-да?
— Чақир, кирсин,— деди Асадбек.

Дам ўтмай ўрта бўйли, истараси иссиқ, бежирим мўйлабли бир йигит кириб, қироат билан салом берди. Асадбек саломга алик олиб рўпарасидан жой кўрсатди-да:
— Қалай, қори яхши юрибдиларми? — деб сўради.
— Худога шукр, дуо деб юбордилар. Қорим... аҳволлари пича оғир.
— Нима бўлди?
— Яраланганлар.
— Яраланганлар? Нимага яраланади?
— Қўқондаги воқеаларни эшитгандирсизлар?
— Чала-чулпа эшитдик.
— У ерда ҳам қулупнайдан жанжал чиқдими? — деди Кесакполвон кесатиқ оҳангида.

Йигит газетага ўроғлиқ нарсани узатди:
— Хоҳласангиз кўринг.

Маҳмуд газетани очиб, видеокассетани олди-да, савол назари билан Асадбекка қаради. Асадбек «қўявер» деган ишора қилгач, видеомагнитофонни улади. Телеекран пирпираб туриб, сўнг Қўқон манзараси кўринди: одамлар оқими марказга шошилади... марказда, машиналар айлана ясаб ўтадиган йўлларда одамлар тирбанд. Болалар қизиқиб, дарахтларга чиқиб олишган... Осойишта оломон бирдан тўзиди...
— Аямай ўқ узишди,— деб изоҳ берди йигит.— Болалар ўлди, катталар ўлди... Қорим ҳам шу ерда эдилар.
— Шунча одам нимага тўпланди ўзи? — деб сўради Кесакполвон.
— Митинг бўлиши керак эди.
— Қори қаерда, касалхонадами? — деб сўради Асадбек йигитдан.
— Ҳа, ётибдилар. Сизни эсладилар. Сизни кўрмоқчилар.
— Мени? — Асадбек ажабланди.— Иши бор эканми?
— Гаплари бор шекилли,— йигит шундай деб кетишга рухсат сўради.— Мен бу кассетани депутатларга кўрсатишим керак. Шуни деб довон ошиб келдим. Бугун буни топширсам, эртага саҳарлаб, Худо хоҳласа, қайтаман. Қоримга нима деб қўяй?
— Ўйлаб кўраман.
— Имкон топилса борадилар,— деб изоҳ берди Чувринди.

Бу изоҳдан кўнгли хотиржам бўлган йигит хайрлашиб чиқди.
— Эсинг жойидами? — деди Кесакполвон, меҳмон чиқиб кетгач.— Нима дединг? Билиб гапирдингми?
— Нима дебман?
— Ҳозир бориб бўларканми ўша ёққа? Кўрдингми нима бўлганини? Бек, сен ўйлаб ҳам ўтирма, бормайсан!
— Бир нарсага ҳайронман, Қори нима учун мени эслаб қолди?

3

Айрим ишлар мулоҳазанинг интиҳоси ўлароқ амалга оширилади, айримлари эса кўнгил ҳукми билан бўлади. Кўп ҳолларда кўнгил ҳукми мулоҳазадан устун туради. Асадбекнинг Қўқонга бориши масаласи ҳам кўнгил ҳукми асосида ҳал этилди. Вазиятнинг оғирлиги, бормоқлик — жонни хатарга қўймоқлик ила баробар эканини билса ҳам, Кесакполвон «борма!» деб вайсаб турса ҳам йўлга отланди. «Эрталаб йўлга чиқиб, шомгача бориб қайтамиз», деди у. Асадбек бир қарорга келгач, аъёнлар ожиз қоладилар. Бу сафар ҳам шундай бўлди — Асадбек эрта тонгда Чувринди ҳамроҳлигида йўлга чиқди. Жамшиднинг ўрнига тавсия этилган яна икки йигит Асадбекнинг кўнглига ўтирмагани учун Чувриндининг ўзи унга ҳамроҳ бўлди. Довондан ошгунларига қадар эркин қушдек эдилар. Қўқонга яқинлашганлари сайин машинани тез-тез тўхтатишга тўғри келди. Машина обдан текширилгач, соқчибошига «ўлим тўшагидаги қариндошларини кўргани кетаётганларини» тушунтиришга мажбур бўлишарди. Улар пешинга яқин касалхонани топиб бордилар.
— Сен дўхтирлар билан гаплаш,— деди Асадбек Чувриндига,— касали нима, шу ерда тузатса бўладими ё бошқа ёққа олиб бориш керакми?

Чувринди буйруққа итоат этиб, табиблар хонаси томон юрди. Асадбек эса Собитхон ётган хона эшигини очди. Уч кишилик хона тўрида, дераза ёнида Собитхон шипга кўз тикиб чалқанча ётар, икки каравот эса бўш эди. У Асадбекни овозидан таниб, бошини бурди.
— Ҳа, Қори, тузукмисиз? — деди Асадбек, саломлашгач.
— Худога шукр,— деди Собитхон хаста овозда.— Мен сизни уринтирганимдан ҳижолатдаман. Аслида узримни ўша сиз кўрган биродарим орқали айтиб юборсам ҳам бўларди, аммо узримни аз тахи дил қабул этдингизми ё йўқми, ўз қулоғим билан эшитай дедим.
— Қанақа узр?
— Мен сизни ранжитган эдим. Мошинамнинг йўқолишида сизни гумон қилиб эдим. Мен ҳам Оллоҳнинг гуноҳкор қулиман-да, бу дунё моли учун сизга туҳмат қилибман.
— Э, Қорижон, шуни ўйлаб юрибсизми, куйинманг, бунақа гапларга ўрганиб кетганман. Мен гумонлару миш-мишлар орасида яшайдиган одамман, сиздан хафа эмасман. Мен ҳақимда миш-миш чиқмай қолса бир нарсамни йўқотгандай гангийдиган бўлиб қолганман.

Гапнинг бу зайлда ҳазилга бурилиши Собитхонга таъсир этмади. У кўзларини маъюс тиккан ҳолда:
— Мендан рози бўлинг, Бек ака,— деди.
— Э Қорижон, нима деяпсан, ёш одам, дарров...
— Гап ёшда эмас. Кимдан қачон омонатини сўрамоқ Оллоҳнинг ўзигагина маълум. Розилик фақат жон ҳалқумга келгандагина сўралмайди. Мўъмин айбини тушуниб етгани ҳамон биродаридан розилик сўраши керак. Мен сизнинг олдингизда айбдор эканман, то сиз рози бўлмагунингизча Оллоҳ менинг бу гуноҳимни кечира олмайди. Розилик шунинг учун сўралади. Рози бўлинг, Бек ака.

Асадбек ҳеч иккиланмасдан «Розиман» дейишга тайёр эди. Айтишга оғиз жуфтлади ҳам, аммо ана шу оддийгина сўз тилидан учишга қийналди. Назарида шу сўзни айтиши билан, юзидан нур ёғилиб турган бу одам жон берадигандай эди.
— Бек ака, ўйланиб қолдингиз, рози эмасмисиз?

Хавотирли бу саволдан сўнг сўз беихтиёр учди:
— Розиман, Қорижон, розиман. Сиздан хафа эмасман. Тўғри, ўшанда сал жаҳлим чиққан, шунинг учун сизга қаттиқ гапириб юборганман. Лекин кўнглимда кир сақлаб қолмаганман.
— Қаттиқ гапларингиздан мен ҳам хафа эмасман. Сиздан розиман,— Собитхон шундай деб чуқур нафас олди.— Оллоҳнинг қудратини қаранг, вужудим бирдан енгиллашди. Биз ғофил бандалармиз-да. Биримиз бу дунёни севиб яшаймиз. Биримиз жирканиб яшаймиз. Мен Оллоҳ берган шу бир тутам умримда дунёдан жирканиб яшадим, шунисига қувонаман.
— Жирканиб? — Асадбек Собитхоннинг гапига тушунмади.— Нимага жирканиб яшайсиз?
— Гапимни бошқачароқ англадингиз чоғи? Бу дунёни севмоқ — охиратни унутмоқ дегани. Бу дунё ҳаёти, ҳою ҳаваслар бир соя кабидир. Биласиз, соя бирданига ғойиб бўлиб, кишини ғафлатда қолдиради. Ҳазрат Али, разияллаҳу анҳу, дер эканларки, дунё ҳаёти билан охират ҳаёти бир эркакнинг айни бир вақтда никоҳида бўлган икки хотин кабидур, бири мамнун бўлса, иккинчиси куяверади. Бир куни Муовиянинг, Оллоҳ ундан рози бўлсин, ҳузурига икки юз йил умр кўрган бир одам келибди. Муовия «Шунча йил яшабсан, дунё ҳаёти назарингда қандай кўринди?» деб сўраганида у киши «Балоли йиллар, фаровон йиллар... Кун ўтади, тун ўтади. Туққан туғади, ўлган ўлади. Туққан туғмасайди — мавжудот тугарди. Ўлган ўлмасайди — ер юзи ундагиларга тор бўлиб қоларди», дебди. Муовия «Тила тилагингни», дебди. У киши «Ўтган умримни орқага қайтар ёки яқинлашиб келаётган ажалимни даф эт!» деб сўрабди. Муовия «Менинг бунга қудратим етмайдир», дебди. Шунда у киши «Ундай бўлса менинг сендан тилагим йўқ», деган экан.[4] Ана шунақа...— Собитхон шундай деб тин олди. Баданида оғриқ қўзғолдими, кўзларини юмди. Бир неча нафасдан сўнг кўзларини очиб, Асадбекка қаради.— Шунақа, Бек ака. Умр изига қайтмайди, ажални ҳам даф этиб бўлмайди. Чақалоқлигимизда қулоқ остида чақирилган азон товуши билан ўқилажак жаноза намози орасида бир тутамгина умримиз бор. Я айюҳаннасу инна ваъдаллоҳи ҳаққун фала тағрурраннакум-улҳаятуд-дуня ва ла яғурранакум биллоҳим-ғурур[5]. Қаранг, Бек ака, «Сизларни дунё ҳаёти алдаб қўймасин», деб ким айтяпти? Дунёни яратган айтяпти. Дунё ҳаётини уни яратгандан ҳам яхшироқ билувчи бошқа зот бўлиши мумкинми? Йўқ... Зинҳор йўқ,— Собитхон яна бир оз кўзини юмиб, сўнг очди.— Яхшилаб ўйлаб қаралса, бу дунё ҳаётидан тубанроқ нарса йўқ. Дунёни йиқилишга юз тутган деворга ҳам ўхшатишади. Деворнинг йиқилажагини билган ҳолда унга суянамиз, а? Дунё ҳаётини сирпанчиққа ҳам ўхшатади. Бу сирпанчиқда ҳеч кимнинг оёғи собит туролмайди... сирпаниб яшаймиз... Кейин эса... сўнгги зиёратгоҳга қараб жўнаймиз. Сўнгги зиёратгоҳимиз — қабр. Бу зиёратгоҳни ҳеч эсламаймиз, эслагимиз ҳам келмайди. Ажални унутишда бир-биримизни ортда қолдириб кетганмиз. Ажал ёшга қарамайди: ёш экан, яна пича яшасин, демайди. Амалга ҳам қарамайди: амалдор экан, тегмай турайлик, пича айшини сурсин, демайди. Бойлигига ҳам қарамайди: тўплаган шунча бойлигини ташлаб кетаверадими, тўхта, бойлигини сарфлаб олсин, демайди. Вақти-соати етдими, тамом. Аввал «фалончи касал экан», дейишади. Кейин «дарди оғирлашибди», дейдилар. Сўнг «васият қилганмиш, рози-ризолик тилаганмиш, дейдилар. Ниҳоят, «омонатини топширибди, Худо раҳмат қилсин», деб дуо қиладилар. Сўнгги дуо шундай бўлса Яратганга шукрлар қиламиз-а. «Ие, ўша ўлибдими, яхши бўлибди, қутулибмиз», дейишликдан Ўзи асрасин. Хуллас, кейин ёғоч отга миндирадилар. Қабрга элтадилар. Кўмадилар. Ким оҳ дейди, ким дод дейди, ким жимгина хўрсинади. Ўша фалончи эса бошини гувалага қўйиб жимгина ётаверади, умр бўйи тўплаган бойлиги эса бу дунёда қолаверади. Бойнинг бошига пар ёстиқ, камбағалникига тош қўйилганини ҳеч эшитганмисиз? Бойликни олиб кетиш имкони бўлганида эди Оллоҳ таборак ва таоло бандаларига мурожаат қилиб, «дунёга алданманглар», демас эди. Маййитни қўйиб, жамоат тарқалгач, Мункар ва Накир сўроқни бошлайди. Камбағал ётган лаҳадга гурзини кўтариб бостириб кириб, амалдордан «кечирасиз, вақтингиз борми, бугун қабул қила оласизми?» деб сўраб ўтирмайди. Барчанинг қисмати бир... Ана шунақа... — Собитхон гапириб чарчади. Чуқур-чуқур нафас олди. — Бек ака, яна «менга ақл ўргатяпти», деманг. Хаёлимга тўсатдан келиб қолган гапларни айтдим. Бек акам келиб қолсалар айтарман, деб атайин тайёрламовдим бу гапларни. Аҳли муслимнинг вазифаси бир-бирига даъват қилиш. Сиз масжид қурдиряпсиз. Мен ўшанда ноўрин гап айтиб эдим. Топган пулингизнинг ҳаром-ҳаллоллигини ажрим қилиш ҳуқуқи менга берилмаган. Бу Оллоҳнинг ўзигина биладурган нарса. Қандай топишингиздан қатъий назар, уни фойдали ишга сарфладингиз, буни инкор этиб бўлмас. Сиз бу пулларни фаҳш ишларга сарфлаб юборсангиз ҳам бўларди. Оллоҳ дилингиз қулфини ўзи очсин.

«Айтадиганини айтиб олсин», деб жимгина тинглаётган Асадбекка бу гап малол келди:
— Дилингиз қулфини? Дилим қулфлоғлик эканми?
— Аччиғингиз чиқмасин, Бек ака. Зинони, зулмни, ҳаром ишларни тарк этмаган одам чин муслим бўла олмайди. Мен сизни мана бу йўлдан юринг, деб зўрламайман, менда бундай ҳуқуқ йўқ, Менинг вазифам— айтиб қўйиш. Бек ака, очиғини айтсам, келишингизга ишонмаган эдим.
— Мен ҳам очиғини айтай: дастлаб оёғим тортмади. Лекин кўнглимда бир истак уйғонди.
— Бу Оллоҳнинг қудрати-да! Бизни учраштиришни лозим топибди, ўзига шукр. Биродаримиз тасвирни кўрсатдиларми?
— Ҳа, кўрсатди.
— Бу ҳолга нима дейсиз? Даҳшатми?
— Ҳа, даҳшат... аммо нима дейишга ҳайронман.
— Сиздайин ақл эгалари, куч эгалари ҳайрон бўлиб турса... Одамлар қўзғолишди. Эркка бошлаш фурсати етмадими экан?

Асадбек бу саволга дарров жавоб бера олмади. Шунга ўхшаш гапларни у аввалроқ депутат Орзубек Болтаевдан ҳам эшитган эди. Асадбек, гарчи шундай дегувчиларга ҳайрихоҳ бўлса-да, ўзининг қалбида, руҳида бу туйғу йўқ даражада эди. Бундай туйғу бир-икки одамнинг даъвати билан уйғона қолмайди. Аниқса ёш ўтиб қолгандан сўнг ватанпарварга айланиш қийин, жуда қийин. Собитхон Асадбекка ўхшаганлар бирлашиб, одамларни эргаштириши мумкин, деб ўйлаб хато қилган эди. Асадбеклар тор бир хум ичида улғайишганини, уларнинг дунёқарашлари ҳам, туйғулари ҳам шу хум қадар эканини англай олмаган эди. Асадбек масжид қурдириб, ўзи намоз ўқимагани каби, шу Ватанда яшаб, ватан туйғусидан бенасиб эди. У винзаводни қўлдан чиқармаслик учун жон фидо қилар даражада олишмоғи мумкин, аммо «юрт эрки учун жон фидо қила оласанми?» деган саволга «нима учун мен фидо бўлишим керак экан?» деб жавоб бериши ҳам эҳтимолдан узоқ эмас. Шу сабабга кўра Собитхон саволига дарров жавоб қайтармади. Алҳол у «Ҳозиргина охиратни гапириб алаҳсираётган бу қори нима учун гапни сиёсатга бурди?» деб ажабланди.

Собитхон ундан жавоб кутиб толиқди. Кўзларини юмди-да:
— Қани эди, бир мард чиқиб «Ўзбекистон ўзига мустақилдир, Ўзбекистон ҳеч кимга бўйсунмайдир!» деб жар солса. Шу хитобни эшитиб кетсам армоним қолмас эди, — деди.
— Қорижон, дўхтирлар билан гаплашиб, олиб кетайми?
— Қуллуқ, Бек ака. Шу гапингизнинг ўзиёқ менга жон бергандай бўлди. Дардни оллоҳ берди, шифосини ҳам ўзи беради, иншооллоҳ. Шифони шу ерда берадими, бошқа ердами, фарқи йўқ.

Асадбек яна бир оз суҳбатлашиб ўтириб, сўнг хайрлашди. Чувринди уни даҳлизда кутиб турган эди. Йўл-йўлакай ҳисоб берди:
— Яраси оғир экан, ҳозирча қимирлатмаслик керак, дейишди. Жони омон қолса ҳам, оёқлари ишдан чиқиши мумкин экан.
— Яхши, кейинроқ олиб кетамиз. Бунақа одамлар ўлмаслиги керак. Сен... кириб дўхтирни рози қилиб чиқ, яхшироқ қарасин.

Қўқондан чиққунларича худди суҳбатларини биров пойлаб, эшитиб қоладигандай жим кетишди. Сўнгги текширувдан ўтишгач, Чувринди:
— Нимага чақиртирган экан? — деб сўради.
— Мошинасини ўғирлатганида бир-иккита сассиқ гап айтувди, эсингдами? Шунга рози-ризолик сўради.
— Рози-ризолик? Нима, аҳволи шунақа оғирми?
— Буни сен биласан, дўхтир билан сен гаплашдинг.
— Дўхтир яқин орада ўлади, дегани йўқ.
— Билиб бўлмайди, дўхтир сезмаган нарсани кўнгил сезади. Лекин тили заҳар бўлса ҳам дили тоза, яхши одам. Домлалар орасида фақат шуни ёқтираман. Лекин кўп гапларига, ишларига тушунмайман. Мана шу митингга бурнини тиқиб нима қиларди? Етишмовчилик жойи бўлмаса, обрўси баланд, топар-тутари ҳам ёмонмасдир. Ибодатингни қилиб юравермайсанми?..
— Ҳозир халқпарвар бўлиш — мўда. Ким билан гаплашсанг «халқим», «халқим» дейди.
— Ўшаларнинг ярмиси «халқим» эмас, яхшилаб қулоқ солсанг «халқум» дейди.
— Бу гапингиз ҳам тўғри, — деди кулиб Чувринди.
— Қорининг яна бир гапига тушунмадим: у ҳам мени бу ғалваларга аралашишимни истаяпти шекилли. Ҳайронман, мен аралашганим билан нима ўзгаради? Маҳмуд, улар мени ким деб ўйлашади ўзи? Одамларнинг ярми мени ўғри, муттаҳам, каллакесар, ярми эса қўлида миллион аскари бор маршал Жуков деб ўйлайди шекилли, а?
— Парво қилманг, одамлар ўйлайверишади. Биз чайқалиб турган денгиздаги томчилармиз, баҳайбат тўлқинларни тўхтатиш, денгизни тинчлантириш қўлимиздан келмайди.

Шаҳарга шом қоронғисида кириб боришди. Асадбекнинг хаёли йўл бўйи Собитхоннинг гаплари билан банд бўлди. Қанча ўйламасин, қорининг асл муддаосини англаб етмади. Муддао унчалик мураккаб эмас эди: Собитхон одамларнинг қўзғалганини кўриб, уларга бошчилик қила оладиган Дукчи эшон, Намоздек ёки Мадаминбекдек бир довюрак ўғлоннинг майдонга чиқишини умид қилганди. Бу зотларнинг жон фидо этмакка ҳам рози қилган туйғуларнинг Асадбекда йўқ эканини у бечора қайдан билсин?

IX боб

1

— Сайфижон, эсон-омон бориб келдингми, уканг тинчми, чиқай деб қолдими? Сени анчадан бери бир йигит кутиб турибди. Ҳов ана, мошинанг олдида.

Автобаза дарвозаси олдида кутиб олган қоровулнинг бу гапидан Сайфи унчалик ажабланмади. Чунки уни сўраб келадиган одам кўп. У Ҳамдамнинг ким эканлигини билиб, сал чўчигандай бўлди-ю, аммо саросимага тушмади. Чунки милитсиядан одам келишини ёки чақирилишини биларди. Уларга нима дейиш, кимларни кўрсатиш ҳам олдиндан пухта равишда белгиланган эди. Унинг вазифаси аниқ — дарров гуллаб қўймай, бир оз таранг қилгач, кавказлик икки йигит ижарага олган уйни кўрсатиб қўйиш.

Ҳамдам машинанинг орқа ўриндиғига ўтириб, Сайфини ҳам ўтиришга таклиф этди.
— Учариққа нима сабабдан бордингиз? — деб сўради Ҳамдам.
— Укам ўша ерда ўтирибди. Майда-чуйда ташлаб келдим. Вақтида мойлаб турилмаса, қийнашади.
— Ким қийнайди?
— Билмагандек сўрайсиз, а?
— Укангиз нима гуноҳ қилган эди?
— Дўконидан озгина камомад чиққан экан.
— Озгина деганингиз қанча?
— Ўттиз минг...

Бу гапни эшитиб Ҳамдам ҳуштак чалиб қўйди.
— Камида ўн йил қатнар экансиз-да?
— Ўн икки йил беришди, ноинсофлар.
— Учариққа қачон жўновдингиз?
— Йигирма тўққизинчи майда.
— Учариққа бир кунда, боринг, ана, икки кунда бориб келса бўлади. Кўп юрвормадингизми?
— Учариқда бир кун бўлдим. Кейин Бухоро, Самарқанд дегандай... айланиб келдим.
— Йигирма саккизинчида ишдамидингиз?
— Ҳа.
— Қаерларда бўлдингиз, кимларни олиб юрдингиз, эслай оласизми?
— Шаҳар катта бўлса, ким қўл кўтарса тўхтаймиз. Айтган жойига олиб борамиз. Пулини оламиз. Қўлимиз рўлда, кўзимиз йўлда, хаёлимиз пулда. Отнинг калласидек план қўйиб қўйган, бажаришга мажбурмиз.
— Машина янги экан?
— Ҳа, хўжайинлар бир тантилик қилиб юборишди.
— Қачондан бери ишлайсиз?
— Ярим йил бўлиб қолди.
— Ярим йилда янги машина олибсиз, омадингиз бор экан. Омад кимга кулиб боқади, биласиз, а?
— Омади борга-да.
— Йўқ, харажатдан қочмайдиган мард одамга, топдимми?
— Сизлар билмайдиган нарса йўқ.
— Сиз менга ёқдингиз, дангал гаплашаркансиз. Мен мард йигитларни яхши кўраман. Энди би-ир мардлик қилиб юборасиз: йигирма саккизинчи майдаги воқеани айтиб берасиз.
— Қайси воқеани?
— Бизни қайси воқеа қизиқтириши мумкин?
— Билмадим.
— Жиноятга алоқадор ҳеч нимани кўрмадингизми? Хўп, вақтини айтай: тахминан соат олти билан еттининг ўртасида. Шаҳардан чиқувчи катта йўл ёқасида. Эсладингизми?
— Йў-ўқ.
— Қани, машинани ҳайданг.
— Қаёққа?
— Ҳайдайверинг-чи, кўчага чиққач, айтаман қаёққа юришингизни.

Сайфи ўз ўрнига ўтириб машинани юрғизди. Ҳамдам «чапга», «ўнгга» деб ўтирди. Шаҳарни кесиб ўтиб катта йўлга чиқишди. Мурда ёқилган ерга яқинлашганда Ҳамдам:
— Жуда тез ҳайдар экансиз, сал секинлатинг, табиатни томоша қилгим келяпти, — деди.

Сайфи мурда ёқилган дарахт ёнидан ўтаётганида ўнг томонга қараб ҳам қўймади. Йўлдан кўз узмай кетаверди. Бир чақиримча юришгач, Ҳамдам машинани орқага қайтаришни сўради. Сайфи қайтишда ҳам сир бой бермади. Бир-икки чақирим юришгач, Ҳамдам машинани яна орқасига қайтарди. Мурда ёқилган ерга етгач, «тўхтатинг» деб буюрди.
— Шу ер кўзимга яхши кўриниб кетди, — шундай деб машинадан тушди. Сайфига «сиз ҳам тушинг», деб буюрди-да, тарвақайлаб ўсган дарахт сари юрди. — Бир-икки улфат билан ёнбошлаб олиб пивохўрлик қиладиган маза жой эканми, а? — деди Ҳамдам ҳамроҳига савол назари билан қараб.
— Ифлос-ку? — деди Сайфи ажабланганича елка қисиб. — Йўл бети, шовқин. Улфатчилик қиламан, десангиз зўр жойлар бор.
— Ифлосликка ифлос. Лекин тозаласа бўлади... Шу ерда улфатчилик қилиб ўтириб, кейин битта шеригимни осиб қўйсаму ўшанда сиз шу йўлдан ўтсангиз, кўрармидингиз?
— Билмадим. Тез юрадиган бўлсам, у ёқ-бу ёққа қарамайман.
— Ўлик ёниб турса-чи? Кўзингиз тушади-ку? Шунда тўхтайсизми?
— Аниқ бир нарса дейишим қийин.
— Тўхтамай ўтиб кетаверасизми? Ахир у ёнаётган ўлик укангиз бўлиши ҳам мумкин-ку?
— Совуқ нафас қилманг, ака, товонимгача зириллатиб юбордингиз.
— Ҳа, гапим сал қўпол чиқди. Узр. Лекин... ўша одам кимнингдир укаси ё акаси, ё отаси, ё эри... Борингки, ҳеч кими йўқ ғирт етим. Осилиб тураверади, ёниб тураверади... Хафа бўлманг, баъзан калламга шунақа бемаъни хаёллар келиб қолади.
— Ишингиз шунақа-да. Йўл четида одам бошини қашиса ҳам машинага қўл кўтараётганга ўхшаб туюлади менга. Сизга эса сал шубҳали кўринган одам жиноятчи бўлиб кўринаверади, тўғрими?
— Қойилман, топдингиз! — деди Ҳамдам совуққина жилмайиб.

У сир бой бермай турган Сайфига қараб таажжубланди: «Пихини ёрган жиноятчи ҳам бунақанги без бўлмас. Ранги ҳам ўзгармайди-я... Ким бу ўзи? Шунчалик устами? Мени лақиллатмоқчими ё шоир машина номерини адаштирганми? Бу келмаганми?..»

Сайфи жилмайишнинг сохталигини сезди. Инспекторнинг гапларидаги илмоқни ҳам фаҳмлади. Мушук-сичқон ўйнаётганини ҳам билди. Аммо унинг нима учун тўқ мушук сингари ўлжасини ўйнаётганига тушунмади. Сайфи бу вазифани бўйнига олганида милисахонага бир-икки чақиришиб сўрашганидан кейин айтиб берарман, деб ўйлаган эди. Ишнинг бу тарзда бошланиши уни бир оз гангитди. Ҳамдам ўйинни яна бир оз давом эттирганида довдираши эҳтимол эди.

Ҳамдам уни синовли назари билан кўп таъқиб этмади. «Қани, кетдик», деди-да, машина сари юрди.
— Акахон, ҳали кўп юрамизми? — деди Сайфи шаҳар марказига яқинлашганида. — Ўзингиз биласиз, отнинг калласидай план бор. Бу ёғи тирикчилик...
— Тирикчиликми, тирриқчиликми? — деди Ҳамдам кесатиб.

Сайфи ўзини мажбурлаб кулди:
— Гапни ҳам қийиб юборар экансиз.

Ҳамдам «милисахонага қараб ҳайда», деса Сайфи қийналмай юрган бўларди. Машинани ҳали ўнгга, ҳали чапга буравериб чарчади. Ҳамдам худди шаҳар кўчаларини билмайдигандай уни роса сарсон қилиб, ниҳоят ўзи ишлайдиган ички ишлар бўлимига етиб келди. Сайфини сўроқ қилиш учун ўз хонасига эмас, балки айбланувчилар вақтинчалик сақланадиган темир панжарали тор ва зах хонага бошлади. Панжарали эшик шарақлаб очилганида Сайфининг эси чиқиб кетаёзди.
— Кир, — деди Ҳамдам совуқ тарзда.
— Нимага? Гуноҳим нима?
— Қўрқма, киравер. Бу ер бизнинг дўхтурхонамиз. Унутилган нарсалар шу ерда эсга тушади. Бу ерда тузалмайдиганлар учун бошқа дўхтурхонамиз ҳам бор. У ерда унча-мунча дори-дармон қилинади, — Ҳамдам уни гарданидан ушлаб ичкарига итарди. — Йигирма саккизинчида юрган йўлларинг эсингга тушиб қолса, чақирасан.

Эшик шарақлаб ёпилиши билан Сайфи лаҳадга тушиб қолгандай сесканиб кетди. Бир неча соатга эмас, бир умрлик қамоққа тушгандай баданига қўрқув титроғи югурди. «Ҳаққингиз йўқ!» деб бақирмоқчи эди, ўзини тутди. Ҳайдар акасининг гапларини эслади: «Сени қамаб қўйсалар ҳам чурқ этма. Кейинроқ гапириб берасан. Улардан қўрқдим, шу сабабли дарров айтмадим дейсан. Укангни вақтлироқ қутқариш учун озгина жабр чексанг ўлиб қолмассан». Сайфи кавказлик икки йигит оғир жиноят қилган бўлса ҳам, бунга менинг даҳлим йўқ, деб ўйлаётган эди. Ҳали, мурда осилган дарахт ёнида довдирамаганининг сабабларидан яна бири — мурда ёқилган пайтда у нарироқда, машина ичида эди. Бу томонга қарашга қўрқиб, писиб ўтирганди. Йигитлар мурдани осиш учун ингичка сим арқон тайёрлашаётганини кўрган, «сим арқонда осишмоқчими?» деб ажабланган эди. Ўша кунги кечқурунги поездда жўнаб қолгани учун шаҳардаги гап-сўзлар, миш-мишлар ҳали қулоғига етиб келмаган эди.

2

Ҳамдам Толипов хонасига кириб сигарет тутатди. Ўриндиққа ястаниб ўтирди-да, оёқларини стул устига чалиштириб қўйди. У Сайфини жиноятчилардан бири деб ҳисобламаётган эди. Сайфи унинг учун чигални ечишдаги кичик тугунча эди. Ҳамдамга икки нарса қоронғи: Сайфи қайси тўданинг одами? Нима учун машина номерини яширмади? Қотиллар нима сабабдан этакларининг бир учини ўзлари кўтариб қўйишди? Тасодифми бу ё пухта ўйлаб қилинган ишми? Ҳамдам икки-уч соатдан сўнг уни олиб чиқиб, қорнига мушт туширсам сайраб қолар, деб ўйлаган эди. Шу ўтиришида хаёлига ажойиб фикр келиб, ўрнидан туриб кетди. Телефон гўшагини олиб лозим рақамни терди. Зоҳид хонасида экан, гўшакни дарров кўтарди.
— Шопирни топдим, — деди Ҳамдам, «суюнчи бер», дегандай бир оҳангда.
— Нима дейди? — деди Зоҳид, бу гапни арзимас хабардай қабул қилиб.
— Ҳозирча жим. Без бўлиб ўтирибди. Парвойи фалак. Ўша дарахтнинг тагига ҳам олиб бордим. Кўзини лўқ қилиб олган, туси ҳам ўзгармайди-я! Бунақасини энди кўришим. Тўдага киришдан олдан сурбетликдан имтиҳон топширган бўлса керак. Лекин у бугуннинг ўзида сайраб беради. Сайратмасам отимни бошқа қўяман.
— Яна муштми? — деди Зоҳид норози оҳангда.
— Э йўқ, ўртоқ прокурор, ҳозир қанақа давр? Қайта қуришми? Ҳа, шундай. Толипов ҳам ўзини қайта тарбиялаган. Шундай бир ишни ўйлаб қўйдимки, сендақадан юзтаси, комиссар Катанидан ўнтаси қойил қолиб, рўпарамда қўл қовуштириб туради.
— Қанақа иш?
— Сен соат олтида мурда ёқилган дарахт яқинига келиб тур, кўрасан. Агар Мақсуд акани топсанг, яна яхши.
— Рўпарангизда қўл қовуштириб туриш учунми?
— Ҳозирча пичинг қилавер, майли, аммо соат олтида «акахон, қойилман, сизга!» деб юборганингни ўзинг ҳам билмай қоласан. Сен олтида ўша ерда бўл. Мен бир оз кечикиб бораман. Ҳа, сенинг вазифанг индамай, жим туриш.

Зоҳид унинг айтганларини бажаришга сўз бергач, гўшакни жойига илди.

Соат беш яримда Сайфини панжарадан бўшатди.
— Қани, юр, — деб кўча томон бошлади.

Унинг дағал муомаласи Сайфини ташвишга солди. «Бир балога гирифтор қилмасайди», деб қўрқди.
— Бояги жойга ҳайда, — деб буюрди Ҳамдам машинага ўтиргач. Кейин сўради: — Канистрангда бензин борми?
— Йўқ, — деди Сайфи ажабланиб.
— Йўлда олвол, ўн литр етади.
— Узоққа борамизми?
— Узоққа... шунақанги узоққа...

Сайфини энди росмана қўрқув ўз тўрларига ўрай бошлади. Бармоқларига титроқ югурди. Ҳамдам буни сезиб, қувониб кетди. Сайфи йўлда тўхтаб, бензин олди. Хўжалик моллари дўкони ёнидан ўтаётганида Ҳамдам машинани тўхтатди-да:
— Икки қулоч арқон олиб чиқ, — деб буюрди.
— Қанақасидан?
— Мол боғлайдиган, пишиқроқ бўлсин.

Сайфи бу буйруқни ҳам бажарди.

Катта йўл ёқасидаги ўша дарахт ёнида бир «Волга», унинг ёнида эса Зоҳид билан маёр Солиев туришарди.
— Моторни ўчириб, калитни менга бер, — деди Ҳамдам. Сайфи титроқ бармоқлари билан калитни узатди.
— Эсладингми? — деди Ҳамдам кўзини дарахтга тикиб.
— Нимани?
— Ўзингни овсарликка солма. Нимани сўраётганимни билиб турибсан. Йигирма саккизинчи майда бу ерга ким билан келгансан, нима иш қил-

гансан?
— Бу ерга биринчи келишим.
— Шунақами? Қани, туш машинадан, — Ҳамдам шундай деб арқонни қўлига олиб, машинадан тушди. — Юкхонани оч, канистрни ол.
— Нимага?
— Олавер, менга керак.

Кўнгли ёмон бир шумликни сезган Сайфининг оёғидан мадор қочди. «Волга» ёнида турганларга хавотир билан қараб, Ҳамдамнинг буйруғига итоат этди. Дарахт остига боришганда Ҳамдам арқондан сиртмоқ ясади. Сайфи кўзларини жавдиратиб, атрофга аланглади.
— Қочишни ўйлама. Бир қадам нари-бери қўйсанг, отиласан. Ёрдам ҳам кутма, машинасини тўхтатиб ёрдам берадиган аҳмоқ йўқ бу ерда.
— Нима қилмоқчисиз? — деди Сайфи титроқ овозда.

Унинг бу ҳолатидан Ҳамдам мамнун бўлди — унга айнан шу керак эди.
— Сени осмоқчиман, — деди хотиржамлик билан. — Кейин... ёқаман.
— Ҳаққингиз йўқ!
— Нега ҳаққим бўлмас экан, ҳаққим бор, оғайни. Бу шохга иккита одам осилди. Сен учинчиси бўласан. Биз эса қотил топилмади, деб ишни ёпди-ёпди қилиб юбораверамиз.
— Ҳаққингиз йўқ! — деб бақириб юборди Сайфи.
— Сенинг ҳаққинг бормиди?
— Мен ўлдирганим йўқ!
— Ким ўлдирди?
— Билмайман.

Ҳамдам тескари қаради. Унинг ҳаракатини диққат билан кузатаётган Сайфи ҳам бошини бурди. Шу заҳоти Ҳамдам чаққонлик билан бўйнига сиртмоқни ташлади. Сайфи арқонни икки қўли билан чангаллаб, жон ҳолатда бақириб юборди. Зоҳид у томон интилиб қадам қўйган эди, маёр Солиев тўхтатди.
— Йигирма саккизинчида келганмисан? — деб сўради Ҳамдам.
— Келганман, — деди Сайфи жон талвасасида.
— Нима учун эрталабдан бери мени лақиллатасан?
— Айтсанг, ўлдирамиз, дейишган. Бола-чақанг гаровда дейишган...
— Ким?
— Билмайман, танимайман уларни.
— Нечта одам эди?
— Иккита... улар бу ернинг одами эмас, тили бошқача эди.
— Бу ерда «Жигули» ҳам бор эдими?
— Бор эди, бир жингалак сочли йигит турувди.
— Кейин нима бўлди?
— Гаплашишди. Кейин менга жавоб беришди.
— Уришишмадими?
— Йўқ.
— Осишганда қаерда эдинг?
— Менга жавоб беришди, кетувдим.
— Ёлғон гапирма! — Ҳамдам шундай деб арқонни тортди. — Ўлик ёнаётганда ҳам шу ерда бўлгансан. Машинангни кўрганлар бор.
— Ҳа... Ҳа... мошинангда қимирламай ўтир, дейишди. Ўтирдим. Бола-чақам гаровда эди...
— Сен ҳозир ҳам гаровдасан. Икки йўлинг бор: ё ўша одамларни бизга топиб берасан, ё шу ерда кўмирга айланасан.
— Мен уларни танимайман... Кира қилиб олган эдим. Лекин бир уйга кириб чиқишган эди. Балки ўша ерда туришар?..

Режа бўйича Сайфи бу гапни сўроқнинг ё учинчи ё тўртинчи куни айтиши лозим эди. Иш шу даражада тезлашиб, мураккаблашиб кетдики, айтмасликнинг иложи қолмади.

Қайтишда машинани Ҳамдам ҳайдади. Сайфи қил кўприкдан ўтиб, аранг омон қолган одам ҳолига тушган эди. У укасини қамоқдан чиқариш, ҳеч бўлмаса муддатини камайтиришга ёрдам сўраб Ҳайдарга мурожаат қилгани учун энди ўзини ўзи лаънатлади. Тўғри, укасига жони ачийди. Лекин, ҳозир аён бўлдики, ўзининг жони янада ширинроқ экан. Дастлаб унга вазифа осон кўринган эди. Икки кавказликни ижарадаги уйидан олади, ўликхонага боради, улар ўликни ўраб олиб чиқишади, сўнг катта йўл ёқасидаги дарахтга осишади, тамом вассалом. Милиса сўраган тақдирда фақат ўликхонага борилганини айтмайди. Кавказлик йигитлар ижарада турадиган уй кўрсатиб қўйилади, холос... Сайфи бир-икки сўроққа чақиришади-ю, сўнг ҳоли қўйишади, деб ўйлаган эди. Агар унинг изига Ҳамдам тушмай, бошқа одам, масалан Зоҳид тушганида балки шундай бўлармиди... Бир кунда гуллаб қўйгани учун энди Ҳайдардан қўрқа бошлади. «Бу балки ёлғондан қўрқитгандир, Ҳайдар ака пўписа қилиб ўтирмас», деб юраги орқасига тортиб кетди. «Балки ўзимни мошинадан ташлаб, биратўла қутулуб қўя қолсаммикин», деган хунук фикрга ҳам борди. Шу онда Ҳамдам худди унинг фикрини ўқигандай бир қараб олди:
— Сен қўрқма, — деди у, — сенга тегишмайди. Бизга тўғрисини айтиб, ёрдам берсанг жонинг омон қолади. Керак бўлса, одам қўйиб сени қўриқлаймиз. Алдайдиган бўлсанг, уларга шерик ҳисобланиб, халта-хуржунингни кўтариб жўнайсан. Бу ўйин шунақа бўлади: ё остидан, ё устидан!

Бу сафар «чапга», — «ўнгга», деб Сайфи йўл кўрсатиб турди. Эски шаҳарнинг тор кўчаларидан ўтишаётганда ўнг қўлдаги темир дарвозани кўрсатди:
— Шу уйга кириб чиқишган.
— Адашмадингми?
— Йўқ, ана, чап томондаги ахлатхона эсимда қолган.

Ҳамдам «яхши», деди-ю, машинани тўхтатмади.
— Тўхтатмайсизми?
— Нега?
— Ушламайсизми?
— Бу ёғини ўзимга қўйиб бер. Сен бугунги ишингни бажардинг. Энди оғзингга қулф уриб, жим юр. Учариқ-тўртариқ қилиб жўнаб қолма. Шаҳардан бир қадам нари-берига чиқмайсан, тушундингми?

Сайфи «тушундим», деб бош ирғади. У фақат Ҳамдамнинг бу гапига эмас, балки булардан ҳали-бери қутулмаслигига ҳам тушуниб етди.

Кўприкдан ўтгач, Ҳамдам машинани тўхтатиб, тушиб қолди. Сайфи узоқлашиши билан, изма-из келаётган «Волга» тўхтади.
— Тўқсон биринчи уй экан, — деди Ҳамдам, машина эшигини очиб. — Одам чақириш керак. Унгача мен бир қараб чиқаман.

Ҳамдам машиналар оқимига муқобил юриб, тўқсон биринчи уй эшигини тақиллатди. Иккинчи марта тақиллатганида ичкаридан «ҳозир» деган заифгина товуш чиқди. Сўнг дарвозанинг бир табақаси мунгли овоз чиқариб қия очилди-да, узун енгли кўйлак кийган кекса аёл кўринди.
— Келинг, болам, — деди у, Ҳамдамнинг саломига алик олгач.
— Келинингиз билан ижарага уй қидириб юрувдик. Сизникида бўш жой бор, деб эшитдим.
— Вой, болам-эй, сал кеч келибсиз-да. Жой бориди, одам қўйиб қўйдик. Сиз оилангиз билан турмоқчимидингиз? Нечта болангиз бор?
— Биттагина. Уч ёшда.
— Вой, аттанг-э, биз боп экансизлар-а, чолим қайсар-да, сабр қилайлик, десам, кўнмади. Иккита йигитни бошлаб келиб, жойлади. Чулчитми-эй, тилига тушунмайман. Бир пайдо бўлади, бир кўринмай кетади. Бунақаси менга ёқмайди, болам. Чол-кампирга оилали одам афзал-да. Бола эрмак бўлади, лозим бўлиб қолса, иссиқ-совуқдан ҳам хабар олиб туришади. Сиз, болам, ноумид бўлманг-а, ҳали чолим келсин, бир гаплашай, буларга жавоб берсин.
— Ижарачиларингиз шу ердами?
— Шу ерда бўлмай қолишсин. Уйқуга тўйишмайди булар. Ақли бўлса, шом кирганда ухлармиди...

Ҳамдам эрта-индин хабар олажагини билдириб, изига қайтди. Кўп ўтмай, қўшимча кучлар етиб келгач, тўрт йигитни ёнига олиб, яна дарвоза олдида пайдо бўлди.
— Вой, чолим ҳали келмадилар, — деди аёл ажабланиб.
— Холажон, бир гап айтаман, фақат сиз ваҳима қилманг. Мана бу йигитлар милисадан, ижарачиларингизни кўришмоқчи. Сиз улар ётган уй эшигини кўрсатингу, ўзингиз тез четга чиқинг, — деди Ҳамдам.
— Вой ўла қолай, вой Худо урди, — деди аёл.
— Ваҳима қилманг, дедим-ку.

Аёл қўли билан чап томондаги эшикни имлаб кўрсатиб, ўзи тўғридаги айвон сари юрди. Титроқ овозда нимадир деди.

Ҳамдам эшикни зарб билан тепиб очиши билан тўрт йигит отилиб ичкари киришди. Донг қотиб ухлаб ётган йигитлар қимирлаб ҳам қўйишмади. Хонтахта устидаги бўшаган ароқ идишлари, димоққа урилган наша ҳидидан ҳаммаси аён эди. Йигитларнинг бетларига шапатилаб, сув сепиб аранг ўзларига келтиришди. Улар уйғонгандай бўлишса-да, ҳали кайфдан қутулмаган, нима бўлаётганини англаб етмаган эдилар. Уларнинг қўлларига кишан уриб олиб чиқилгач, Зоҳид аёлни чақириб, хонага кирди-да, кўздан кечира бошлади.
— Кўрпа-тўшаклар меники, айланай болам, — деди аёл қўрқибгина. — Улар қуп-қуруқ келишган. Ҳали ижара пулини ҳам беришмовди.
— Буларнинг ўзлари излаб келдими ё биров илтимос қилдими? — деб сўради Зоҳид.
— Чолим бошлаб келувдилар.
— Чолингиз ҳозир қаердалар?
— Қайдам... Балки самоворхонададирлар?

Зоҳид «топиб келасизми?» дегандай қилиб Ҳамдамга қаради. Бу қарашнинг маъносини англаган Ҳамдам индамай ташқарига чиқди. Зоҳид бир чети ёстиқ остидан чиқиб турган суратни олди — Жамшид кулимсираб турибди.
— Мана бу йигит ҳам келиб турармиди? — деб суратни аёлга кўрсатди.
— Йўқ-а, — деди аёл суратга дурустроқ ҳам қарамай. — Буларни ҳеч ким сўраб келмади.

Зоҳид токчадаги бўш тселлофан халтачалар билан қон теккан эм игнасини кўриб:
— Хола, энди бу хонага кирмай турасиз, ҳеч нарсага тегманг. Нарсаларингизни текшириб бўлганимиздан кейин оласиз, — деди.

Бу орада ҳовлига гавдали, аёл «чолим» дегани билан кўриниши чоллик мартабасига етмаган, оёқлари оғир гавдани кўтаришга мажолсизлигиданми, ўрдак каби лапанглаб юрувчи уй эгаси кирди. Зоҳид у билан саломлашгач, аёлга берган саволларини қайтарди. Ўзи кутганидек, тайинли жавоб ололмади: чол чойхонада ўтирганида бу йигитлар жой сўраб келишган, дурустгина ақча беришмоқчи бўлишган, вассалом.

Экспертлар келиб хона кўздан кечирилгач, қўлга илинарли ашёвий далил ҳам топилмади.

3

Терговни ташқаридан кузатган одам бу йигит ўзининг исмини ҳам дуруст билмас экан, деб ўйлаши мумкин. Зоҳид исми-шарифини уч марта сўраганида уч хил жавоб берди. Зоҳид «бу лақиллатмоқчими ё дорининг таъсиридан ҳали қутулмадими?» деб ўйлади. Иккинчи йигит ҳам шундай ҳунар кўрсатгач, терговни кечиктирди.

Эртасига уларнинг гаплари пойинтир-сойинтир бўлмади. Бу вақт ичида маёр Солиев уларнинг кимлигини, қамоқхоналарда беармон ўтиришганини аниқлади. Зоҳид аввал ёши каттароғи — Петрашвилини сўроққа чақирди.

Расм-русм бўйича дастлабки маълумотларни сўраб, ёзиб олгач, асосий муддаога кўчди:
— Йигирма саккизинчи майда қаерда эдингиз?
— Йигирма саккизинчи?.. Неча кун олдин бўлган бу йигирма саккизинчи?
— Ўн кун бўлди.
— Э, гражданин началник, ўн кун олдинги гап эсимда турадими? Кеча қаёқда эдим, билмайман.

Зоҳид Жамшиднинг расмини узатди:
— Бу йигит ким?

Петрашвили суратга узоқ тикилди.
— Танимайман.
— Ёстиғингиз тагида экан?
— Балки кампирнинг ўғлидир. Уйда ҳар хил расм кўп эди.
— Чол-кампир ҳам танишмади. Аммо... шеригингиз таниди.
— Шеригим таниган бўлса ўзидан сўрайвер, нега мендан сўрайсан?
— Ҳайдовчи ҳам таниди.
— Қайси ҳайдовчи?
— Сизларни олиб борган. Биз уни топдик.
— Ҳар куни ўнта машинада юрсам, ўнта ҳайдовчи танийди мени. Началник, тўғрисини айт, сен бўйнимга нима илмоқчисан? Айтавер, келишамиз, мен бунақа ишларга ўрганиб кетганман.
— Йўқ, келишолмаймиз, гражданин Петрашвили.
— Нега гражданин, деяпсан, сен аввал айбимни исботла, қама, ундан кейин гражданин, деявер.
— Гражданин началник деб аввал ким айтди?
— Менми? Ҳа... мен бунақа сўроқларда ўтиравериб ўрганиб кетганман. Ҳали бунақа сўроқларни кўп кўрсам керак.
— Йўқ, кўп кўрмайсиз, буниси охиргисидир.
— Нега энди? Чиқариб юбормоқчимисан?
— Йўқ, энди чиқиш тушингизга ҳам кирмайди. Эндиги ҳукм биттагина ўқ бўлади.
— Қўрқитма, началник. Қўрқадиган аҳмоқлар ўлиб кетишган. Менга қара, сен ёш экансан, мен сендақаларнинг кўпини кўрганман. Сен бошни қотирмагину мақсадингни айт. Фақат майда безориликни тиркама. Обрўйим тўкилишини истамайман.

«Ҳали бунда обрў ҳам бор-а?!» деб кулиб қўйди Зоҳид.
— Гап бундай, Петрашвили, биз обрўйингизни тўкмасликка ҳаракат қиламиз: бўйнингизга биратўла қотилликни иламиз, маъқулми?
— Қанақа қотиллик?!

Петрашвили бу саволни хотиржам тарзда, худди яқин ошнасига «Қаёққа кетяпсан, аҳволларинг яхшими?» деб сўрагандай берди. Қамоқларда кўп юрганидан шундай совуққонмиди ё табиатан безмиди, Зоҳид фарқлай олмади. У яна Жамшиднинг расмини ўртага қўйди:
— Шу йигит ўлдирилган.
— Бунақа шилта ишни менга илма, началник, овора бўласан, исбот қилолмайсан. Бу қилиғингдан вишканинг ҳиди келиб турибди.
— Ҳа, ана, билар экансиз-ку?
— Далил керак.
— Мана битта далил, — деди Зоҳид суратни қўлига олиб.
— Бизни кайфлигимизда қўлга олгансан. Суратни ўзинг ташлаб қўйгансан. Сурат чепуха, шу боланинг калласини узиб ёнимга ташлаб қўйганингда ҳам исботлай олмайсан.

Кавказликнинг иккинчиси ҳам қарийб шундай жавоб берди. Икки кундан сўнг Зоҳид Сайфини чақиртирди. Сайфи қатор турган етти киши орасидан икки кавказликни таниди. Шундан кейин ҳам улар йигирма саккизинчи майда катта йўл бўйида бўлганларини тан олишмади.

Avvalgi
I- qism
 



  1. Маъноси будир: Бу кун Биз уларнинг оғизларини муҳрлаб қўюрмиз ва бизга уларнинг қилиб юрган ишлари ҳақида уларнинг қўллари сўзлар ва оёқлари гувоҳлик берур. («Ёсин» сурасининг олтмиш бешинчи ояти. Алоуддин Мансур таржимаси.)
  2. Маъноси будир: Кимики ўз нафсини хор тутса, Худо унинг қадрини оширади. Кимики ўз нафсини иззат қилса, Худо бандалар олдида уни хор қилади.
  3. Мазмун будир: Бу дунё у дунёнинг полизи.
  4. Бу ҳикматлар имом Ғаззолийнинг «Мукошафатул қулуб» («Қалбларнинг кашфиёти») асаридандир. (Миразиз Аъзам ўзбекчалаштирган.)
  5. Мазмун будир: Эй инсонлар, албатта Оллоҳнинг (қайта тирилтириш ва бу дунёда қилиб ўтилган яхши-ёмон амалларнинг мукофоти жазосини бериш тўғрисидаги) ваъдаси (ваъдадир). Бас, харгиз сизларни дунё ҳаёти алдаб қўймасин! Ва ҳаргиз сизларни, Оллоҳ (барча гуноҳларни кечириб юбораверади, деб) алдагувчи (шайтон) алдаб қўймасин. («Ал-малонна» («фотир») сурасининг бешинчи ояти. Алоуддин Мансур таржимаси.)