OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

2 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифТоҳир Малик
Асар номиШайтанат (II- китоб, II- қисм)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Криминал беллетристика
Муаллифлар
   - Тоҳир Малик
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Китоблар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм410KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/12/02
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Шайтанат (II- китоб, II- қисм)
Тоҳир Малик

X боб

1

Бу хабар Ҳосилбойваччага хуш ёқди. Набирасининг ўлик туғилиши нима экан, кимда-ким Асадбек ўлибди, деб келса катта суюнчи беришга ҳам тайёр эди. Айрим хотинлар «бирон нохуш гап чиқармикин» деган илинжда уззукун қўшнисиникига қулоқ тутади. Бақириқ-чақириқни эшитса, ёинки бирон ташвиш шабадасини сезса, қувонади. Қўшнисининг томи узра кулфат булутини кўрса-ку, уникида байрам деяверинг... Ҳосилбойвачча ҳам шу тоифадан эди.

Янги йил арафасида Асадбекнинг қизи йўқолганини эшитганида қалбини шодлик офтоби бир ёритиб ўтган эди. Элчинни куёв қилганида бу офтоб яна булут орасига яшириниб, уни икки ўт орасига ташлади: Асадбекнинг мақсадини билолмай, каловланди. Элчинни кўпнинг ичида масхара қилмоқчи бўлганида ҳам шу ҳол юз берди. Жамшиднинг етиб келиб, Элчинни оғир аҳволдан қутқариши Ҳосилбойваччага «Асадбекка тегишли одамни хор қиладиган ҳали туғилмаган», деган маънони англатган эди.

Ҳосилбойвачча учун Асадбек йўлдаги тоғ, уни қандай қилса-да, ағдариши, кемириб бўлса-да, ту- гатиши лозим эди. Айланиб ўтиш мумкин эмас — тоғ орқа томондан ҳам босаверади. Зайнабнинг ўғирланиши — бемалол ҳужумга ўтса ҳам бўлади, деган ишора эди. Асадбекка ҳамла қиладиган довюрак топилибдими, демак, юришни бошлаш вақти етибди. Элчинни тўйга таклиф этиш — шунчаки бир синов эди. Зайнабнинг ўлик бола туғиб, касалхонада ётиши уни қатъий ҳужумга киришишга даъват этди.

У хушхабар олиб келган Шомилнинг қўлидан гугуртни олиб, тўртта чўпни чиқарди. Учтасининг бошини бирлаштириб, тўртинчисини ёқди-да, тезлик билан шу учта чўпга тутди. Пов этиб ёниши билан пуфлаб ўчирган эди, тўртала чўпнинг боши қовушиб, учоёқли минорага ўхшаб қолди. Шомил хўжасининг маҳоратига беш кетиб, кулиб қўйди.
— Шомил, мана буни қара, Асадбек Элчинни куёв қилди, Жамшид ўлдирилди, қизи ўзини осди, боласи ўлик туғилди... Ҳамма воқеаларнинг боши қовушмаяптими?
— Шунга ўхшайди, — деди Шомил ўйлаб ҳам ўтирмай. У собиқ шогирдини, ҳозирда эса хўжайинининг ақлига тан берган, шу боис айтганларини мулоҳаза қилиб ҳам ўтирмас эди.

Ҳосилбойвачча чўп устини бармоғининг учи билан босган эди, «минора» сочилиб кетди.
— Асадбекни кимдир чинор деган эди. Чинорнинг ичини қурт ея бошлабди. Четдан томоша қилиб тураверсанг, ғирт аҳмоқ бўласан. Темирни қизиғида босиш керак, дейишганми? Асадбекнинг қизи ётган касалхонада одаминг борми?
— Бор. Ўзимга тегишли бир жонон бор.
— Менга Зайнаб керак.
— Олиб чиқайми? — деди ажабланиб Шомил.
— Қани ўйла-чи, ё томинг кетганми?

Ҳосилбойвачча ўйлаш учун фурсат бергандай жим қолди, сўнг ўзига-ўзи гапиргандай деди:
— Зайнаб у ердан гиёҳванд бўлиб чиқиши керак. Жононинг уни игнага ўргата олармикин?
— Мен айтсам, ўргатади.
— Ўргатсин, аммо эҳтиёт бўлсин. Биринчисини ўзига сездирмасин. Ўзи ҳам олиб турадими?
— Олганда-чи!
— Агар қовун туширса, мен сени ҳам, уни ҳам танимайман.

Бу пўписага жавобан Шомил тиржайиб, ғилай кўзларини ўйнатиб қўйди. Шомил хўжасининг бу пўписаси қуруқ эмас, амалга ошуви муқаррар эканини билгани каби, Ҳосилбойвачча бу тиржайишнинг маъносини яхши англайди. Бу тиржайишга ғилай кўзларнинг ўйнаши қўшилгани — «кўнглингиз тўқ бўлаверсин, шу ишни эпламасам, бу дунёда нима қилиб юрибман», деганидир.

Шомил музлатгични очиб, ундан тунука идишдаги фин пивосидан олди-да, бирини очиб хўжасига узатди. Иккинчисини очиб, бир кўтаришдаёқ бўшатди. Ҳосилбойвачча бир-икки ютум ичиб, ўзига қайтарди. Шомил «сизники табаррук» дегандай тиржайиб уни ҳам бўшатди.

Зайнабни қўлга киритиш фикри Ҳосилбойваччада анча бурун уйғонган эди. Жувоннинг ўзини осиши бу хаёлни ҳақиқатга тезроқ айлантириш имконини яратгандай бўлди. Боланинг ўлик туғилиши эса имкон дарвозаларини кенг очиб юборди. «Ўзини осдими, демак, чорасиз қолган, — деб ўйлади у. — Отасига ишончи йўқ. Отасининг ҳукмида яшаш жонига теккан. Ҳамма нарсага эга аёл бекордан-бекорга ўзини осмайди...»

Ҳосилбойвачча Зайнабни қўлга киритган тарзда нима қилишни ҳам ўйлаб қўйган. Зайнаб бўйин бергач, уни қўйнига олмайди, бирга бўлмайди. Тўғри, кўриниши, қад-қомати бинойи, ёш... лекин отарчининг сарқитига куни қолибдими, деган маломатга тоқати йўқ. Балки кайфчиликда тотиб кўрар... Зайнаб — йигитларники. Кимга ҳадя этишни Шомил билади. Зайнабнинг биринчи вазифаси шу — йигитлар кўнглини овлаш. Бу қилиғи эртами-кечми, отасига маълум бўлади. Асадбек қизининг нақадар ифлослигини ўз кўзи билан кўрса яна-да яхши! Унгача Зайнабнинг яна бир юмуши бор — уйдаги гапларни етказиб туради. (Буниси энди Ҳосилбойваччанинг хом хаёли. У Асадбекнинг уйда, айниқса хотини, фарзандлари ҳузурида ишдан гапириш одати йўқлигини билмайди). Ҳосилбойвачча гиёҳвандларни яхши билади. Хумори тутганида қорадори учун отасинигина эмас, қўлида бўлса бутун дунёни ҳам сотиб юборади.

Шомил хўжасининг ўйга толганини кўриб индамай ўтираверди. У шунга ўрганган. Ҳосилбойвачча ярим кун ўйланса, ярим кун жим ўтиради. Дунёни сув босиб кетса ҳам жим ўтираверади, хўжасининг хаёл суришига ҳалал бермайди. Ҳосилбойваччанинг Асадбекдан фарқи шуки — бир ўзи ўйлайди, бир ўзи ҳукм чиқаради. Унинг бу одати Чувриндига ўхшаган ақлли аъёни бўлмагани важидан эмас, балки ўз ақлининг мукаммаллигига ишонганидандир. «Шу пайтгача ўз ақлимга суяниб панд емай, шу даражага етдимми — демак, нотўғри иш қилмабман», деб ўйлайди. Кимдир ўғлига «сен чинор сояси бўлма, чинорнинг ўзи бўл», деган экан. Шу ҳикмат Ҳосилбойваччага жуда ёқиб қолган. Ўшанда умри мазмунини чинор бўлмоқлик учун курашдан иборат, деб белгилаган эди. Чинор бўлмоқлик — бировнинг ақли, бировнинг маслаҳати билан битмайди. Бировнинг ақли билан ишлаш — чинорнинг эркин ўсаётган шохларини кесиб туриш демакдир. Ҳосилбойвачча бунга тоқат қилолмайди. У чинор шохларининг эркин ўсмоғини, янада кенгроқ майдонни қамраб олмоғини истайди.
— Сен Қиличдан хабар олдингми? — деб сўради Ҳосилбойвачча хаёл суришни бас қилиб.
— Хабар олдим. Ишлари ништяк. Қачон чиқариб оласизлар, дейди. Ўтган куни уйига ҳам келиб кетди.
— Қачон чиқариб оласизлар, дейдими? Уни биз чиқариб олмаймиз, ким тиққан бўлса, ўша чиқаради.
— Қанақасига?
— Шунақасига. Бир жойда «Винзаводни Қиличдан бошқа одам эплай олмайди, бизга ҳам винзавод насиб қилиб қолар», дедим. Бу гапим ўша куниёқ эгасига етиб борган бўлиши керак. Асадбек аканг Қилични чиқариб олишимга йўл қўймайди. Унинг икки чораси бор: биринчиси — Қилични ўша ёқда йўқ қилиб юбориш, иккинчиси — тезроқ чиқариб олиш ҳаракатини бошлаш. Унга иккинчи чора маъқул келади. Чунки заводни олимчаси эплай олмайди. Буни аҳмоқ одам ҳам дарров сезиши мумкин. Асадбек чиқараверсин, Қилич меров, ундан эмас, биздан миннатдор бўлади. Уни ҳеч бир чиқимсиз қўлга киритамиз.
— Чиқариб олишганини ўзлари айтишса-чи?
— Ишонмайди. Ундан ким хабар олиб турди? Зўрлардан ким ҳимоя қилди? Менми? Сен, томи кетган аҳмоқ, «Қиличдан хабар олиб тур», деганимда бурнингни жийирган эдинг. Энди тушундингми? Буни бир ўқ билан икки қуённи уриш, дейдилар. Мен уларнинг карталарини чалкаштириб ташладим. Яқинда қўлларида кўзирлари қолмайди. Ўшанда банкка урамиз. Қойилмисан?
— Мен сизни биринчи кўрганимдаёқ қойил бўлганман.
— Сен ҳозир бир иш қиласан: Қилични бир-икки соатга сўраб, шу ерга олиб келасан. Мен бир унинг суҳбатини олай.

Шомил «бундан осонроқ иш йўқ», дегандай тиржайиб, ўрнидан турди. Аммо ўзига бўлган ишончи бу сафар панд берди: лагерда комиссия бор экан, Қилични чиқара олмади. Хўжасига қўнғироқ қилиб вазиятни билдиргач, «комиссия кетганидан кейин олиб келасан», деган буйруқ олди.

2

Қилич Сулаймонов Асадбекка ёқиб қолган олимнинг бурнини ерга ишқаб, тавбасига таянтирмоқчи бўлиб, ўзи қазиган чоҳга ўзи тушганини билмай ҳам қолди. Агар Ҳосилбойвачча сотмаганида бу кўргуликлар йўқ эди. Асадбек бир-икки сўкиб, уришиб, кейин айбидан ўтарди. Ҳосилбойвачча нима учун сотди, деб ҳайрон бўлиб юрганида Шомил келиб, янада баттар ажаблантирди. «Сотгани нимаю энди меҳрибончилик қилгани нима?» деган муаммо уни бир нафас бўлсин, ҳоли қўймади. Лагер зўрларининг тегажоқлиқ қилмаётгани, айниқса, уйга бориб келишга рухсат теккани унда умид уйғотиб, Ҳосилбойваччага нисбатан бўлган ғазаб ўтини ўчира бошлади.

Уйига бориб, хотини, фарзандларини кўриб йиғлаб юборди. Худди ёш боладай йиғлади. Кейин эса... авваллари апоқ-чапоқ бўлиб юрувчи оғайниларининг хабар олмай қўйишганини эшитиб, юраги баттар эзилди.

«Қиличхон ака, хизмат борми?» деб қўл қовуштириб турувчилар, «Қиличбой ошнам, сендан бошқа ҳеч кимим йўқ бу дунёда, ошнам ҳам, акам ҳам, отам ҳам ўзингсан», дегувчилар, «Қиличбек, ўла-ўлгунимча қарздорман, сендан тонсам — Худо урсин!» деб онт ичувчилар қайларда қолишди экан? Қиличдан ҳазар қилдиларми, ё Асадбекдан қўрқдиларми?
— Эсон-омон кутулиб чиқай, бу даюслар билан ҳисоб-китоб бошқача бўлади, — деди Қилич хотинига.
— Қўйинг, тинч яшайлик. Худога солинг, жазосини Худо берсин уларни, — деди хотини.

Қилич белгиланган вақтда лагерга қайтди. Биров ундан «қаёқдан келяпсан, ким чиқарди сени?» деб сўрамади. Ётоққа кириб, олиб келган емак-ичмакларидан бир улушини хона тўрида давра қуриб ўтирганларга берди. Таомил шу: уйдан олинажак ҳар нарсанинг сараси шуларга берилиши шарт. Айримлар «ўзим емасам емай, қулоғим тинч бўлсин», деб ҳаммасини тутқазиб қўя қолади.

Қилич бу ерга бир йил олдин келган эски таниши Шоалини таклиф этиб, каравоти устига кичик дастурхон тузади. Нон устига нориндан солиб меҳмон қила бошлади.
— Норинни кўрсам, доим бир воқеа эсимга тушади, — деди кулиб Шоали, бир чимдим норинни оғзига олиб бориб. — Бир қадрдонимиз бошқа вилоятдан келин туширадиган бўлди-ю, биз ўша ёққа тўй олиб бордик. Кечаси поездга ўтириб, эртаси азонда манзилга етдик. Иззат-икром зўр бўлди. Бир маҳал қарасак, норин кирди. Биз олиб борган тугунлар ичида норин ҳам бор экан. Етиб келишгунча норин совуб қолибди, деб истишибди, денг. У ерларда норин қилишмас экан-да...
— Ҳар жойнинг таомили ўзига яраша-да, — деди Қилич кулиб.

Шоали нориндан иккинчи ё учинчи олишида хона тўридаги даврабоши ўрнидан туриб, буларга яқинлашди. Куйлак кийишни ёқтирмаганиданми, ё баданидаги хилма-хил суратларни кўз-кўз қилишни яхши кўрганиданми, ярим-яланғоч юрувчи бу Зўр бировга бежиз яқинлашмас эди. Унинг кимгадир яқинлашуви ё мушт тушириш билан, ё бўйнига бир нима илиш билан якунланарди. Шу сабабли Қилич унинг ўзи томон келаётганини кўриб, хавотирланди.

У Қиличга рўпара бўлди-да:
— Братан, бу ёққа қараворинг, — деб эшик томон юрди.

«Нима гуноҳ қилибман, ё овқатдан бир нима чиқдими?» деб ҳадиксиради Қилич.
— Братан, келганингизга тўрт ойдан ошдими? — деди Зўр, эшикка етмай тўхтаб.
— Ошди, — деди Қилич, бир қадам берида тўхтаб.
— Биров чертдими?
— Йўқ.
— Нимагалигини биласизми?
— Йўқ.
— Қош-кўзингиз чиройли бўлгани учун эмасдир, а? У ёқдаги бойвачча братанларнинг ҳурмати бор. Улар нима деса, бизга закон, гап йўқ. Лекин ҳаддингиздан ошсангиз, отвечайт қиласиз. Сиз кимни сийлаяпсиз, биласизми.
— Ҳа, биламан. Эски танишим.
— Уни ҳеч ким овқатга таклиф қилмайди, сезмаганмисиз?
— Йўқ.
— Каллаварам экансиз. У билан ҳеч ким бирга овқат емаслиги керак. Закон шунақа.
— Нега?
— Негами? У бир пайтлар мент бўлган.
— Йўғ-э, у дўкон мудири эди.
— Ўзидан сўранг. Биз янглишмаймиз. Законни бузганнинг иши чатоқ бўлади. Амма-холасига қараб ўтирмаймиз.

У шундай деб Қиличга қаттиқ тикилди-да, жойига қайтди.

Шоали Қиличдаги ўзгаришни бир қарашда сезди:
— Нима гап? Овқат берма, деяптими?
— Ҳа... мент бўлган дейди.
— Булар ҳар балони билишади. Ўттиз йилча олдин ҳарбий хизматдан қайтганимда ўн кунча милисада ишлаганман. Ёшликда қизиқиш бўлган-да. Ўшанда адам раҳматли қулоғимни бураб, бўшатиб олган эдилар. Шу ерда эслатишди буни. Буларнинг қонуни бутунлай тескари: у ёқда бир ҳужжат тўлдирсак, ўзинг қамалганмисан-йўқми, қариндошларинг ичида судланганлар борми ё йўқми, чет элларда қариндошларинг борми, деб суриштиришади. Булар эса «милисада ишлаганмисан, милисада қариндошларинг борми, комсомол ё коммунист бўлганмисан», деб суриштириб, шунга қараб муомала қилишади. У ёқда озгина харажат қилиб ҳужжатни эплаштириш мумкин. Бу ёқда гапнинг ҳам фойдаси йўқ, пулнинг ҳам. Сиз билан биз уларнинг қаторида бўлишни истасак ҳам давраларига қабул қилишмайди. Биздан нафратланишади. Таклиф қилганингизда рад этиб, тушунтирмоқчи эдим, сизга муносабатлари ўзгача, индашмас, деб ўйлабман.
— Ўттиз йил олдинги гапнинг буларга қандай фойда-зарари бор?
— Ҳеч қандай. Фақат улар ўз қонунларини бузишмайди. Уларнинг қонунида имтиёз, изоҳ, сабаб деган гаплар йўқ.
— Буларга таъсир ўтказадиган одамлардан илтимос қилиб кўрайми?
— Қайдам? Фойдаси бўлармикин? Баъзи масалаларда уларга Худонинг ўзи ҳам бас келолмас, — Шоали шундай деб хўрсинди. — Ҳа, майли, бошга тушганни кўз кўрар... Болалигимизда адам раҳматли бузоқ олиб берган эдилар. Қарасак, ҳаммаёғини кана босибди. Биттадан терганмиз. Биласизми, Қиличбек, биз ўша кана босган бузоққа ўхшаймиз.

Қилич кулимсиради:
— Қўйсангиз-чи, Шоали ака, ўхшатишга топган жониворингизни қаранг. Ҳеч бўлмаса буқа денг... — деб гапни ҳазилга бурмоқчи бўлди.
— Биз буқа бўлолмаймиз, йўл беришмайди бунга. Одамлар бизларга ҳавас қилишади, а? Пулни қоплаб топади, егани олдида, емагани кетида, дейишади. Тўғри, топамиз. Лекин топганимизнинг ҳаммасини ўзимиз емаймиз-ку? Харидордан бир сўм уриб қолсам, менга ўн тийини қолади. Лекин ҳаммманинг кўзи олдида мен ўғриман, мен муттаҳамман. Тўқсон тийинни еб ётганлар билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Улар фариштага ўхшаб юришади. Чиройли гапиришади, чиройли кийинишади. Уларга қараб туриб этагида намоз ўқигинг келиб кетади. Ичи ёриб қаралса-чи? Ҳамма бузуқликларни кўриб, кўнглинг ағдарилади. Ҳа... Биз бузоқмиз. Канани ҳеч ким тергани келмайди. Силламизни қуритишиб, сўнг яхши семирмади, берадиган қони кам деб, қассобга оширишади, — Шоали шундай деб фотиҳа ўқиди. — Жойимга борай, қараб-қараб қўйишяпти, яна сизга осилиб юришмасин.

Қиличнинг танишига меҳр кўргазгани беиз кетмади — нонуштада унга нон «етмай қолди». Сал нарида ўтирган Зўрнинг қараб-қараб қўйишидан билдики, бу кечаги қилмиши учун берилган мукофот. Янада ойдинроқ айтилса — огоҳлантириш. Ишга кетаётганида бир йигит қаттиқ туртиб ўтди. Узр сўраш ўрнига тиржайиб қўйишидан фаҳм этдики, булар билан ҳазиллашиб бўлмайди. У кун бўйи бир нарсани ўйлади— бу ердан чиқариб олишга Ҳосилбойвачча журъат этолмас, Асадбекдан ёрдам сўраш керак. «Хат ёзиб чиқараман, ё хотиним бориб оёғига йиқилади. Шунча азоб чекканим етар».

Шу фикрга келиб турганида унга «шаҳарни бир айланиб келиш учун» рухсат беришди.

Лагер дарвозасидан сал наридаги машина олдида Шомилни кўриб, ажабланди. «Тинчликмикин?» деб кўнглига хиралик оралади. Шомил «Тезроқ юр», дегандай қўл силтаб, жойига ўтирди. Қилич қадамини тезлатди.
— Бўсснинг гапи бор экан, — деди Шомил.
— Қанақа гап?
— Билиб қўй: Бўсс яхши гапи бўлса чақиради. Ёмон гапи бўлса ўзим етказиб қўя қоламан. Сен унинг оёғини ялашинг керак, билдингми?

Улар кириб келишганда Ҳосилбойвачча ширакайф бўлиб олиб бир қиз билан маишатни бошлайман, деб турган эди. Шомил бунақа ҳолатга кўникиб кетгани учун ҳеч бир мулозаматсиз ичкари кириб стол устидаги фин пивосидан биттасини очиб, ичди. Қилич Асадбек ҳузурига кўп кирган, аммо бунақа ҳолатни учратмаган эди. Маишатга ишқибоз бўлган Кесакполвон ҳам бундай қилиқ қилмасди. Шу сабабли Қилич ичкари киришни ҳам, кирмасликни ҳам билмай, остонада туриб қолди.

Ҳосилбойвачча унга бир қараб қўйди-ю, қизни эркалашда давом этди. У бефаросат эдими ё «кўриб қўй, бу дунёда мен истаган ишимни қила олиш қудратига эгаман», демоқчи бўлдими — буниси Қиличга қоронғу.

Ҳосилбойвачча қизнинг бақбақасидан чимчилаб Шомилга қаради-да:
— Қалай, зўрми?
— Гап йўқ, шикалад! — деди Шомил, кейин Қиличга қаради. — Қоққан қозиқдай туришини қаранг уни, киравермайсанми? Ўзингнинг аканг-ку!

Қилич ўзидан бир неча ёш кичик «ўз акаси»га яна бир марта салом бериб, ичкари сари икки-уч қадам қўйди.

Ҳосилбойвачча қизни тиззасидан тушириб, «нариги хонага кириб тур», деди-да, Қиличга рўпарасидан жой кўрсатди. Шомил чаққонлик билан қадаҳларга коняк қуйиб аввал хўжасига узатди. Ҳосилбойвачча афтини бужмайтириб, «ичмайман», деб қўл силтади. Қилич ҳам рад этмоқчи эди, Шомил:
— Сен ич, — деб буюрди.

Қилич унинг амрини бажарди.
— Нимага чақиртирганимни биласанми? — деди Ҳосилбойвачча.
— Билмайман.
— Мен сени сотдим, а?

Қилич жавоб бермай, бошини эгди.
— Сотдим. Нега тўғри гапдан қўрқасан? Нима учун сотдийкин, деб ўйламадингми?
— Ўйладим.
— Хўш, нимага сотдим?
— Минг ўйласам ҳам сабабини билмадим.
— Билиш учун ақл керак. Ақл кимда бўлади? Ақл одамда бўлади. Сен одаммисан? Шомил бу одамми?
— Афт-башараси ўхшайди.
— Афт-башара итда ҳам, эшакда ҳам бор. Билиб қўй — сен одам эмассан. Сен, — Ҳосилбойвачча унга тикилганича ўйланди-да, сўнг сўзини давом этди. — Сен — гўнг титадиган қўнғизсан. Маконинг гўнг, емишинг гўнг. Шунинг учун дунёни гўнгдан иборат деб ўйлайсан. Мен сени Бек акангга сотдим. Мени сотқин деяётгандирсан, а?
— Йўқ.
— Шунинг учун ҳам аҳмоқсан. Сен хоинлик қилдинг. Сени едириб-ичираётган одамга хоинлик қилиб, менинг агарўдимдаги гўнгни титмоқчи бўлдинг. Шомил, ўз хўжайинига хоинлик қилган гўнгқўнғиз менга халол хизмат қилиб берадими?
— Бунақаси бўлмаган.
— Ана, эшитдингми, балони билади бу ғилай. Ҳали бунақаси бўлмаган, деяптими, демак, бўлмаган! Лекин сен менга кераксан. Керак бўлганинг учун сотдим. Хоинлик учун жазоланишинг лозимлигини билишинг керак эди. Менинг нималарга қодир эканимни билиб қўйишинг шарт эди. Энди сени чиқариб оламан. Сен Асадбек акангда ишлайверасан, лекин менга хизмат қиласан. Шунга розимисан?
— Розиман.
— Дарров рози бўлма, аввал ўйла. Бек акангдан қўрқмайсанми?
— Сиз борсиз-ку?
— Менми? — Ҳосилбойвачча кулди. — Мен сени деб Бек билан олишмайман. Эпласанг ўйнайсан бу ўйинни, эпламасанг ўтиравер.
— Эплайман.
— Шомил, эшитдингми? Эплар экан. Демак, ўйинга кирди. Карталар тарқатилди. Кўнга нима тикасан?
— Билмайман, айтганингиз.
— Жонингни, — деди Шомил ғилай кўзини ўйнатиб.

Бу гапдан Қилич бир қалқиб тушди.
— Нима, қўрқяпсанми? — деди Ҳосилбойвачча. — Битта жонинг билан қутулсанг катта гап. Бу ёқда бола-чақанг бор...
— Фақат... болаларимни ўртага қўшмайлик.
— Ўзинг биласан. Мен айтдим-қўйдим. Шунга қараб ўйнайверасан.

Ҳосилбойвачча шундай деб ўрнидан турди-да, керишиб қўйиб, қиз кириб кетган хона сари юрди.

Шомил қуйиб узатган конякни бир кўтаришда бўшатгач, Қилич изига қайтди.

3

Зайнаб... Кўзлари ғамгин боқувчи, сочлари паришон тўзиган Зайнаб... Этаги тўпиғини беркитиб турган, енги бармоқларининг учларига қадар тушган ҳарир оқ кўйлакда. Оққуш каби сузиб юради. Жавдираган кўзлари ниманидир ахтаради.

«Зайнаб, нимани қидиряпсан? — дейди Элчин.
— Боламни... болам қани? — дейди Зайнаб йиғламсираб. Сўнг ҳеч кутилмаганда Элчиннинг бўғзига чанг солиб, бўға бошлайди... — Боламни топиб беринг, боламни...»

Элчин бўғилиб, хириллай бошлайди.. Ана шу хирқироқ уни уйғотиб юборди. Юмшоқ ўриндиққа ястаниб, оёқларини узатиб ўтирган эди. Кўзи илинибди. Соатга қаради: ўн дақиқагина мудрабди. Шу уйқусида кўрган туши — Зайнаб.

Кундузи касалхонага борган эди. Одатдагича қайнонаси билан кўришиб қайтди. Қайнонаси ҳам камгап: «Соғлиғи яхши, ётибди», деган гапдан нарига ўтмайди. Элчин бугун «ўрнидан туриб, юряптими?» деб сўраб, «ҳа, юряпти» деган лўнда жавоб олди. «Юраётган бўлса, нима учун чиқмайди?» деб сўрамоқчи эди, негалигини ўзи билгани учун саволдан ўзини тийди.

Зийрак Манзура куёвининг кўзларига қараб, сўрамоқчи бўлган сўроғини англади. «Ҳузурингизга қандай чиқсин? Жон аччиғида бемаъни гапни айтиб юборди. Энди юзи шувут. Бундан кейинги турмушинглар қандай бўлади, мен ҳайронман», демоқчи бўлди-ю, куёвидан садо чиқмагани учун индамай қўяқолди. Сукут билан берилган саволга жавоб ҳам сукут билан бўлди.

Боласини кўмиб келганидан бери Элчиннинг кўзига дунё қоронғу бўлиб кўринади. «Боланг ўлик туғилди», деган хабарни эшитганида аввалига «бу чиркин дунёнинг сассиқ ҳавосидан нафас олиб яшашни истамабди» деган хаёлга борди. Болани тупроққа топширгач, гўё юрагидан бир нарса узилди, гўё ўша «бир нарса» ҳам тупроқ остига кўмилди. Ўша — «бир нарса» нима эди? Умидми эди? Бу дунёда бахт ҳам мавжудлигини англатиши мумкин бўлган нажотми эди? Умид ўлдими, нажот кўмилдими? У ҳолда бу дунёда нима қолди? Фақат қасосми? Фақат қўрқувми? Фақат ҳасадми?.. Энди яшамоқдан мақсад надир? Ўлик руҳи эндигина қайта жонланаётган эди, юрагида кўз юмиб ётган меҳр эндигина уйғонаётган эди. Алҳол бу руҳнинг тирилмоғига ҳожат борми? Бу юракка меҳр лозимми энди?..

Элчин ақл-ҳушидан айрилиб, девона ҳолига келди, дейиш ҳақиқатга хилофдир. Агар у девонаваш бўлганида эди, бу дунёда яшаб юрмоғи осонроқ кечарди. Мол-дунёсини кўпайтириш учун қумурсқадай ғимирлаб, кези келганида эса ваҳший ҳайвон сингари бир-бирини ғажийдиган одамлардан кулиб юраверарди.

Унинг эси жойида эди. Оқни қорадан ажрата оларди. Аммо катта шаҳарга келиб, чорраҳада гангиб турган одам ҳолида эди — қайси кўчага киришни аниқ билмасди. Қамоқда эканида тузган режалари хом экан, туздан солинган қаср экан — бир ёмғирнинг зарбига ҳам дош беролмади — эриб кетди. Асадбек билан шердек олишаман, деб ўйлаган эди, аммо ғанимнинг қуён эмас, ўз номига яраша арслон эканини ҳисобга олмабди. Энди нима қилсин? Зелихон кетди. Қачон қайтиши номаълум. Суянадиган тоғи ўша эди. Энди кимга суянади, кимдан маслаҳат сўрайди? Анварданми? У фалсафа сўқишдан бошқа нарса билмайди. Бугун келиб «Асадбекнинг отасига тааллуқли архивни ўрганяпман, зўр одам бўлган экан катта қайнотанг», деб кетди. Элчиннинг дарди қайда-ю, Анварники қайда!

Анвар гапириб-гапириб, ўзи ҳам чарчаб, Элчинни ҳам чарчатиб кетди. У кетгач, Элчин юмшоқ ўриндиққа ястаниб, кўзи илинибди...

Элчин кўнгил хиралиги тарқалармикин, деган ниятда ҳовлига чиқиб муздек сувда ювинди. Бир оз роҳатлангандай бўлди. Аммо бу ҳузур узоқ давом этмади. Уйга қайтиб кириши билан этагига илашиб юрган дардли ўйлар яна вужудини қамраб олди. Кўз олдига оқ либосдаги Зайнаб келди.

«Болангиз туғилгандан кейин мени ўлдиринг!.. Мен... сизга хиёнат қилдим... Мен... Яшашни истамайман... Жамшид акамнинг ёнларига боришни хоҳлайман... Эркак бўлсангиз мени ўлдирасиз!..»

Йўқ, бу гапларни тушида эшитмади, ўнгида ўз қулоғи билан эшитган. Баъзи одамларнинг ўнг қулоғидан гап кириб, чап қулоғидан чиқиб кетса, Элчиннинг икки қулоғидан кириб, тўғри юрагига бориб, муҳрланиб қолган. Бўш қолди деганича ғимирлаб куйдираверади. Ҳозир кўрган туши эски яраларни яна тимдалади.

Руҳи шу зайлда азоб чекиб ўтирганида эшик қўнғироғи жиринглади. Тўй мавсуми бошлангани учун уни йўқлаб келувчилар кўпайган, ҳатто жонига ҳам теккан эди. Ҳозирги ташриф ҳам шулардан биридур, деб ўйлаб, ғижинди. Ташқарига чиққиси келмади.

Боласини тупроққа топшириб келган куни кечки пайт қўнғироқ худди шундай жиринглади. Бирор киши кўнгил сўраб келгандир, деб ўйлади. Айни дамда у кўнгилга таскинлик бера олувчи одамга муҳтож эди. Афсуски, ўйлагандек бўлмади. Тавозе билан саломлашган одам уни тўйга айтиб келган эди. «Тўйимизни ўзингиз қизитиб берасиз, айтганингиздан бир сўм кам берган — номард», деб гап бошлашининг ўзидаёқ Элчиннинг жони ҳалқумига келди. «Бу одам ташвишимни билмайди-ку», деб ўзини босиб, эътибори учун миннатдорлик билдириб, таклифини рад этди. У одам буни санъаткорнинг ноз-фироқи деб англаб, эланишни бас қилмади. Тоқати тоқ бўлган Элчин ташвишини айтишга мажбур бўлди. «Тўй йигирма беш кундан кейин-ку, Ҳофиз ака? Ундан кейин бунақа болага аза тутилмайди», деган жавобни эшитиб, унинг ёқасидан бўғиб олганини ўзи ҳам сезмай қолди. «Йигирма беш кундан кейин бола тирилиб келадими?» деб бўралаб сўкди. Тўйга айтиб келувчи хайр-маъзурни ҳам насия қилиб жўнаб қолгач, «Мени одам деб айтиб келган экан, тушунтирсам бўларди...» деб қилган ишидан афсусланди. Уни одам деб эмас, ҳофиз ҳам деб эмас, балки Асадбекнинг куёви бўлгани учун таклиф қилаётганини Элчин фаҳм этмади.

У ҳозир эшик очгани бораётиб шуларни эслагач, яна ғижинди. Эшикни очиб, башанг кийинган, тавозе билан салом бергувчини эмас, енги калта куйлак кийган, қорувли, қирғий кўз йигитни кўриб, ажабланди. «Адашиб келгандир», деб хаёл қилиб, унинг ёрилган лабига, шилинган ёноғига қараб қўйди.
— Элчин ака сиз бўласизми? — деб сўради йигит.
— Ҳа, мен...
— Сизда зарур гапим бор. Остонадан ҳайдаманг, илтимос.

Йигитнинг гапи Элчинга малол келди.
— Меҳмонни остонадан ҳайдайди, деб эшитган эдингизми?
— Озгина тўпорилигим бор, ака, афт-башарамни кўриб, гаплашмай қўясизми, деб қўрқдим-да.
— Йигитчиликда афт-башара деган шунақа бўлиб туради. Қани, кираверинг. Остонада туриб гаплашишнинг хосияти йўқ, дейишади.

Йигит ортиқча такаллуф кутмай аввал ҳовлига, сўнг меҳмонхонага кириб, Элчин кўрсатган жойга ўтирди. Кўз қарашларига қараб, уни бу ерга оғир дард бошлаб келганини фаҳмлаш мумкин эди. «Бу йигит ким? Асадбекнинг дастёрлариданми ё Асадбекнинг одамларидан тепки еб аламзада бўлганларданми», деб ўйлади Элчин. Йигит мақсадини айтишга қийналди. Бармоқларини ўйнаб қисирлатди. Элчин:
— Сиз менинг исмимни биларкансиз, мен эса... — деб гап бошлаган эди, йигит тилга кириб, сўзларини бўлди:
— Исмим Ҳалимжон.
— Исмингиз жисмингизга мосга ўхшамайди?
— Тўғри, ҳалимдек эмасман. Мен ўзи... «чўрний поясман»1
— Зўрига тушиб қолдингизми? — деди Элчин унинг юзига ишора қилиб.
— Зўрларига... Гап бунда эмас. Калтак еган билан одам ўлмайди, ака. Қорнимга эмас, қадримга йиғлайман, деган мақол бор-ку? Бошимга бир иш тушди. Ўйлаб-ўйлаб чорасини топдим. Сиздан нажот истаб келдим.
— Нажот? — Элчин кулимсиради. — Мендан қандай нажот кутиш мумкин?
— Агар дардимга тушунсангиз, юрагингизда раҳм-шафқат бўлса, ёрдам бера оласиз.
— Ҳалимжон, сиз гапни жуда узоқдан бошлаяпсиз. Дардингизни йигитчасига шартта-шартта айтинг.
— Бўладиган гап шуки, бир қиз билан аҳду паймонимиз бор эди. Отаси унамабди. Қизни ўқишдан чиқариб юртига олиб кетишди. Изма-из бордим. Қизни олиб қочдим, десам ҳам бўлади. Унинг ҳам кўнгли тоза, меники ҳам тоза эди. Никоҳ ўқитамиз, деб турувдим. Билмайман, қаердан ис олишди, кеча кечқурун турган еримизга бостириб киришди. Қизнинг отаси, акалари бор. Акалари уришди, уларга тегмадим. Кейин яна уч-тўрттаси пайдо бўлишди. Биттаси ғилай, жуда беаёв экан. Улар билан олишдим. Лекин ҳаммасига бас келолмадим. Қўл-оёғимни боғлаб, машинани юкхонасига босишди. Анча юришди. Кейин бир жойда тўхтаб, мени юкхонадан олишди. Қарасам, дарё бўйи. Ҳаммаёқ ахлат, тош. Сув бўйлаб кетган узун қувурга рўпара қилишди. Қувурнинг ичида энгашиб бемалол юрса бўлади. Ғилай қорнимга бир тепиб, букчайтирди. Сочимдан тортиб қувурга киритмоқчи бўлди.
— Кир, қувурга! — деб сўкди.

Билдимки, кирсам — ўламан. Қаршилик кўрсатишга кучим қолмаган. Бирдан хаёлимга ғалати гап келди:
— Бу ишингни Асадбек акам билсалар, уруғингни қуритворадилар, палид! — деб бақириб юбордим. Нимага шунақа деганимни ҳозир ҳам билмайман. Хуллас, шу гапим таъсир қилди. «Бир куннинг ичида қорангни ўчирасан, бўлмаса — ўласан!» деб машиналарига ўтириб, жўнаб кетишди. Асадбек деган номдан қўрқишдими, демак, ё ўшанинг одамлари ё ундан қўрқадиган бошқа тўданинг одамлари, деб ўйладим. Мен Асадбек деган одамнинг номини эшитганману ўзларини кўрмаганман. Фақат шинаванда улфатлардан сизни у кишига куёв бўлганингизни эшитган эдим. Шу эсимга келиб, қора тортиб келдим, ака.
— Иш юришмаса, атала тиш синдиради, деган мақол бор. Сизнинг ишингиз шунақа бўлибди. Мен нима қилишим мумкин?
— Агар улар Асадбек аканинг одамлари бўлса, бир оғиз гапириб қўясизми? Менинг бировга зарарим тегмайди. У қизни яхши кўраман, шуни деб ўлиб кетсам, майли, розиман...

Элчиннинг назарида бу арзон-гаров гапдай туюлди. У:

«Киприги — ханжар, карашма — тиғ,

кўз ташлаш — яшин,

Гар шаҳид бўлмоқчи эрсанг,

Карбало шу ердадир»,

деган қўшиғи билан машҳур бўлганидан бери «сенинг ишқингда ўлишга розиман» деган ашулаларни айтиб юргани учун ҳам шундай туюлди. У ишқ йўлида қурбон бўлишга тайёр ошиқларни киноларда кўрган, китобларда ўқиган, аммо бундай рўпара бўлмаган эди. Ҳалимжон «ўлиб кетсам, майли, розиман», деб ўйлаб, астойдил гапирдими ё шунчаки тилидан учдими? Наҳот муҳаббати учун жон беришга тайёр йигитлар ҳозир ҳам мавжуд бўлса?! Элчиннинг назарида ҳозирги йигитлар сақич чайнашдан бошқа нарсага ярамай қолишган, уларда бундай туйғунинг мавжудлиги мумкин эмасдай эди. Ҳалимжон айтган гапнинг арзон-гаров туюлишига яна бир сабаб шу бўлди. Қизиқ-да, атрофда хушсурат қизлар кўп, дарахтни тепсанг шохидан барг эмас, ҳурилиқолар ёғилиб турса... Хўп, бирига кўнгил қўйдинг, кўнмади. Ана, навбатда яна ўнтаси кўзларини сузиб турибди. Иккинчиси бўлмаса, учинчиси... Элчин йигитларни зимдан кузатиб, шу хаёлга келар эди. Ҳозир Ҳалимжоннинг сукутга берилганидан фойдаланиб, унга зимдан тикилди. Унинг лаблари, бармоқлари титрамас, кўзларида ёлбориш нури йўқ, аксинча, қатъият зуҳур эди.
— Қизиқ гапни айтдингиз, — деди Элчин, сукутни узоқ чўзилишига йўл қўймай, — агар «бошқа чорангиз йўқ экан, иним, мана бу заҳарни ичингу тинчингизни топинг», десам кўнасизми?

Ҳалимжон унга ажабланиб қаради:
— Калака қиляпсизми, ака?
— Шунчаки сўрадим-да.
— Ака, мен ҳузурингизга йиғлаб келганим йўқ. Заҳар ичиб ўладиган аҳмоқ эмасман. Ўлсам ҳам олишиб ўламан, — Ҳалимжон шундай деб шашт билан ўрнидан турди.
— Тўхтанг, қизишманг, ўтиринг.

«Азал котиблари ушшоқ бахтин қора ёзмишлар, бу мазмун ила хат ул сафҳаи рухсора ёзмишлар».
— Нима деяпсиз, тушунмадим?
— Жойингизга ўтиринг, Ҳалимжон, ўйлаб кўрайлик-чи. Сиз менга ўша йигитларнинг афт-ангорини тасвирлаб беринг. Бошлиғи ғилайми? Гавдали бақувват одамми? Ёши... ўттиз беш-қирқларда, а?

Ҳалимжон воқеани қайтадан баён қилди. Элчин ғилайни эслади. Уни хор этган ўша тўйда Ҳосилбойваччанинг атрофида ишшайиб айланиб юрган ғилайни кўрган эди.
— Асадбекнинг одамлари орасида бунақа йигитларни кўрмаганман. Лекин мен суриштирай-чи. Аввал уларнинг кимлигини билай, сўнг чорасини излаймиз.— Шу онда Элчиннинг хаёлига бир фикр келиб, илмоқ ташлаб кўришни маъқул топди: — Агар бу ишга Асадбек аралашса, у ҳақ талаб қилади.
— Қанақа ҳақ? Пулми? Менда пул йўқ, ака, кетмончининг боласиман.
— Пул эмас... агар у сизнинг «чўрний пояс» эканингизни билса, хизматга таклиф қилиши мумкин.
— Хизматдан қочмайман.
— Нима хизмат, деб сўрамадингиз-ку?
— Ака, нима хизмат эканига ақлим етиб турибди. Одам ўлдир, демаса бас. — Ҳалимжон шундай дегач, қайтишга изн сўради.

Кутилмаган меҳмон кетгач, Элчин анчагача ҳовлида айланиб юрди. У хизмат масаласида атайин илмоқ ташлаган эди. Яқингинада ёлғиз қолганидан сиқилиб турувди, бу йигитни Худо етказдими, билмайди. Нима учундир бир суҳбатдаёқ унга ишонгиси келди. «Асадбек ҳаммани ҳам хизматга олавермайди, қайси йўл билан бўлса-да, бу йигитни тавсия этиш керак», деб ўйлади Элчин.

Ҳалимжоннинг қиз учун олишиб ўлиш ҳақидаги гапи Элчиннинг хаёлига ўрнашиб қолди. У ҳам ўзини чин ошиқлар сафига қўшарди. Ноиласини севарди. Аммо Ноилага етишолмаган тақдирда ўлиши мумкин ё мумкин эмаслигини ўйлаб кўрмаган эди. Ноилага осонлик билан етишгани учун балки шундай бўлгандир. Ҳа... осонлик билан етишган эди, осонлик билан ажради. Ана ўшанда ўлимни бўйнига олди. «Қамашсин, отишсин», деди. Катта хато қилганини кейинроқ англади. «Бу йигитнинг ақли жойида, ўлса ҳам олишиб ўлади», деб ўйлади Элчин.

У нима қилишини режалаштиргач, Ҳосилбойваччаникига қараб йўл олди.

Ҳосилбойваччанинг ҳовлиси Асадбекникига нисбатан кенгроқ ва шинамроқ эди. Фавворали ҳовуз ўртасига қурилган шийпонда Ҳосилбойвачча Шомил билан нард ўйнаб ўтирарди. Элчинни қаршилаган йигит уни шийпон ёнига қадар кузатиб келиб, орқасига қайтди. Ҳосилбойвачча ўйиндан бош кўтармаган ҳолда Элчиннинг саломига алик олди. Элчин Ҳосилбойваччанинг олифтагарчилик қилишини кутган эди, аммо бунақа тўнкалик қилар, деб ўйламовди. Бундай «лутф»га эътибор бермаган бўлиб, икки қадам нарида турганича ўйинни кузатди. Шунда Шомилнинг билагидаги черков тасвири диққатини тортди. «Майда ўғрилардан экан-да», деб қўйди. Ўйинни кузатиб, яна бир нарсани сезди: Ҳосилбойвачча ғирром ўйнарди. Катакларни тўлдиришда тошчаларнинг тушишига қарамасди. Шомил эса худди буни пайқамагандек, тиришиб ўйнарди.
— Морс! — деди Ҳосилбойвачча хурсанд ҳолда.
— Тош яхши тушмади, — деб ўзини оқламоқчи бўлди Шомил.
— Тош яхши тушиб турса қозоқ хотин ҳам ютади, — Ҳосилбойвачча шундай деб керишиб, Элчинга юзланди. — Келинг, Ҳофиз ака, нимага турибсиз, ўтиринг. Нечук биз ғарибу ғураболарни йўқлаб қолибсиз?

Ҳосилбойвачча «келиб кўришар» деб ўйлаган эди, Элчин буни «унутгандай» Шомилнинг ёнидаги бўш курсига ўтирди.
— Тоққа тоғнинг иши тушмас экан, одамга одамнинг иши тушиб тураркан.
— Шомил, эшитдингми? Ҳофизда ақл кўп. Нардага ҳушингиз қалай, бир ташлашамизми?
— Хоҳишингиз.
— Морс бўлмасангиз, дўппингизни осмонга отасиз, — у шундай деб доналарни терди.

Элчин қарасаки, яна ўйинни ғирромдан бошлади. «Нотўғри юряпсиз», деб ўтирмай у ҳам ғирромга ўтди.
— Юришларингиз сал бошқачароқми? — деди Ҳосилбойвачча буни сезиб.
— Юришларим бинойи. Мен рақиб таклиф этган усулда ўйнашни яхши кўраман.
— Мен... рақибманми сизга?
— Мен ўйинни назарда тутяпман.
— Ҳаёт ҳам нардига ўхшайди.
— Буни сезмаган эканман.
— Сиз балони сезасиз, Ҳофиз, — Ҳосилбойвачча шундай деб ўйинни бас қилди. — Энди айтинг, қандай шамол учирди?
— Бу акамнинг шамоллари, — деди Элчин Шомилга қараб қўйиб.
— Шомил, одам учирадиган шамолинг бор экан, а? Қойилман, — деди кулиб Ҳосилбойвачча. — Шамолинг Ҳофизники учирибдими, ёмон эмас экансан. Нима бало қилиб қўйди, бу ғилай? Қаттиқроқ аксирвордими?
— Шунақа бўлибди, жиянимга қараб аксирибди.
— Жиянингиз ким?

Элчин воқеанинг қисқа тафсилотини айтди.
— Иложсиз иш экан, қизнинг отаси билан олди-бердимиз бор. Жиянингизга жон ширин бўлса, қурисин. Бизнинг яхшилигимиз шу.
— Олди-бердини Бек акамга қўйиб берсангиз-чи?

Ҳосилбойвачча «наҳот шу ишдан Бек хабардор?» дегандай Элчинга тикилди. Кеча Шомил ишни ниҳоясига етказмай, «йигит Бекнинг номини айтди», деб баҳона қилганида етти пуштини ўқиб, бўралаб сўккан эди. «Кўчадаги учраган иприсқи Бекнинг номини айтса чўчийверасанми!» деб бақирган эди. Элчиннинг ташрифи Шомилнинг гапларини тасдиқлаб уни ўйлантирди. Элчин Ҳосилбойваччанинг қараши маъносини англаб, хотиржам, ҳатто бир оз кулимсираган ҳолда тураверди. У бир нарсадан ташвишда эди — агар Ҳосилбойвачча бу гапга ишонмай, Асадбекка телефон қилгудай бўлса, иш олдинга силжимай, Ҳалимжоннинг тақдири ўзгаришсиз қолуви мумкин эди. Хайриятки, Ҳосилбойвачча бундай қилмади. Аммо у Элчинга тўла ишона қолмади. «Бу ишга Бек аралашса, буни юбормас эди», — Ҳосилбойвачча шу тўхтамга келиб, ишшайди.
— Олди-бердини мен қилдим, даллолга ҳожат йўқ. Лекин бу ишнинг бир иложиси ҳам бор. Жиянингиз уйланмоқчими унга?
— Ҳа.
— Шомил, қиз қанақа экан ўзи?
— Шикалад!
— Унда қизни табаррук қилиб бераман. Кейин уйланаверади. Ҳа, уйланганидан кейин ҳам келинпошша у-бу хизматларни қилиб юради. Розимисиз?

Элчиннинг ғазаби қўзғаб, лаби учди.
— Тошни яхши ташламаяпсиз, бой, — деди у нардига ишора қилиб.
— Тошни яхши ташламасам ҳам ошиқни яхши тепаман. Меники ҳамиша олчи!
— Омадингизни берсин, — Элчин бу хилдаги гаплар яхшилик билан тугамаслигини билиб, ўрнидан турди.
— Ҳофиз, сиз қарта ҳам ўйнаб турасиз, а? Билиб қўйинг, мен доимо туз кўзир билан ўйнайман. Сизнинг қўлингизда кўзир йўқ, дама топпон бор. Эҳтиёт бўлинг.
— Бой, мен анчадан бери қарта ўйнамайман, шахматга ўрганганман. Шохни иккита пиёда билан мот қилишга ўрганиб кетганман. Шунга ўзим ҳам ҳайрон бўлиб қоламан.

«Ширин суҳбат»га шу билан якун ясалди. Элчин қандай «лутф» билан кутиб олинган бўлса, шундай «лутф» билан кузатилди. У шундай бўлишини кутгани учун ҳам бу ерга келган эди. Ҳозир Ҳосилбойвачча Ҳофизни хор этганидан қувониб ўтирибди. У билмайдики, Ҳофиз режаси бўйича ҳозир Чувриндиникига боради. Чувринди унинг гапларини диққат билан эшитади. Ҳалимжон унда ҳам қизиқиш уйғотгач, телефон гўшагини кўтариб, лозим рақамни теради-да:
— Бой, женсоветга раис бўлган эмишсанми, муборак бўлсин, — деб гапни калта қилади. Мана шундан кейингина бу ишга Асадбек аралашганини англаб, аламини Шомилдан олади. Ўзича «шу қизни барибир татиб кўраман», деб аҳд қилади.

XI боб

1

Чувринди машинани дарвозасига тақаб тўхтатиши билан дарахт соясида ўтирган киши қаддини ростлади. Баланд бўйли, елкалари кенг бу кишини бир қарашдаёқ таниб, юраги увишди. Неча йилдан бери бу одам билан учрашишдан чўчийди, ўзини ундан олиб қочади. Қишлоғига борган кезлари уни бир-икки узоқдан кўриб, рўпара келмаслик учун йўлни бурди. Қишлоқда Ҳовуз полвон исмини олган бу одам ҳам инсоф қилиб уни таъқиб этмади. Учрашиш у ёқда турсин, уни ўйласа ҳам юраги увишарди. Чувринди билиб қилган кўп гуноҳлари орасида мана шунисини ҳеч кечиролмайди. Ҳовуз полвон қамоқдан чиқиб келиб уни яхшилаб дўппослаганида, ҳеч бўлмаса сўкканида бунчалик қийналиб юрмас эди. Билагида девнинг кучи бор бу одамнинг кенг феъл эканини кўпчилик билмаса ҳам Чувринди яхши билади.

Маҳмуд дастлаб уни кўрганида ёш бола эди. Уларнинг қишлоқларида бешта ҳовуз бўларди. Учтасидан одамлар сув ичарди, бири мол ҳовуз, бири от ҳовуз эди. Сунбула туғиб, сув тиниш олдидан боғланиб, ҳовуз пича қуритилиб, сўнг лойқадан тозаланиб, қишга тайёрлаб қўйиларди. Ҳовуз полвон қишлоққа шу дамда кириб келган эди. У ҳақда Маҳмуд дастлаб бобосидан эшитди. «Бир полвон келиб, ҳовузни ўзийла тозалаб қўйибди-я...» деган эди. Унга Ҳовуз полвон деган исмни ҳам бобоси қўйган. Ҳозир ҳеч ким уни Эгамберди тоға, деб чақирмайди. Бу қишлоқда ҳам, бошқаларида ҳам ҳовузга ҳожат қолмаган, у ҳам ҳовуз тозаламайди, аммо Ҳовуз полвон деган ном унга ҳануз салобат, иззат бахш этиб туради.

Маҳмуд чувринди ҳолида шаҳарга келиб, Кесакполвон билан ишлай бошлаган кезлари эди. Бир куни бозор муюлишида пойлоқчилик қилаётганди. Ўзига ўхшаган икки бола гўшт бозорда «ов»да, муюлишдан ўтгандан кейинги чойхонада эса Кесакполвон пистирмада эди. Болаларнинг «ов»и юришмай, чўнтак кесаётган маҳалда сездириб қўйишса шу муюлиш томон қочишарди. Қўлларидаги борини Маҳмудга беришарди-ю, йўлни чойхона сари буришарди. Чўнтаги кесилган жабрланувчи чойхонадаги пистирмага дуч келгач, туҳматчига айланарди-ю, бир-икки тепки, мушт еб, сувга бўккан мушук ҳолида изига қайтарди.

Маҳмуд чувринди шундай масъул вазифани бажариб турган онда:
— Маҳмуджон болам, сенмисан? — деган жарангдор овозни эшитиб, бир чўчиб тушди. Орқасига қаради-ю, Ҳовуз полвонни кўриб қувониб кетди. Бўйнидан маҳкам қучоқлаб олди. Полвон ҳовуз тозалаётган пайтда болалар чуғурлашиб атрофидан кетмай қолишарди. У ҳам чарчадим демай, шопмўйловини бураб улар билан ўйнашга вақт топарди. Баъзан болаларга от бўлиб берарди, уч-тўрт бола уни миниб олиб, ҳовуз атрофида «сайр» қилишарди. Бу манзарани кўрган катталар ҳам мириқишарди. Етим бўлгани учунми, Маҳмудга нисбатан полвоннинг меҳри бўлакча эди. Шу меҳрдан фойдаланиб Маҳмуд «от»ни кўпроқ минарди...
— Бу ерда нима қилиб писиб турибсан? — деб сўради Ҳовуз полвон.
— Битта танишимни кутиб турибман, бозорга кириб кетувди, — деди у.

Ўшанда «Ҳовуз полвон тоғам гапимга ишондилар», деб ўйлаган эди. Ҳовуз полвоннинг анча кузатиб турганини, унинг нима юмуш билан банд эканини фаҳмлаганини кейинроқ англаб етди.
— Юр, мен билан, — деди Ҳовуз полвон.
— Қаёққа? — деди Маҳмуд ҳадик билан. — Қишлоққами?
— Йўқ... Ўзим шу келишда қишлоқдан келяпман. Пахсачи жўраларим бор, ёзи билан пахса урамиз. Кузга бориб, ҳовуз тозалайдиган вақт етганда қишлоққа қайтамиз. Юр, менга қарашасан.

Маҳмуд гўшт бозор томонга ўғринча қаради. Болалар «ов»ни яхши тамомлаганлар шекилли, кўринишмади. Бундан кўнгли хотиржам бўлган Маҳмуд унга эргашди. Уч кун бирга бўлди. Лой тепишди, чой қўйди, ош-овқатга қарашди. Улар янги барпо бўлаётган маҳаллада тўрт-беш иморатни баҳолаб олишган, бугун бу бино пахсасини уришса, эртага бошқасига кўчишарди. Пишиқ ғиштдан қурилган ҳашаматли уйнинг ошхонаси уларга бошпана эди. Ҳовуз полвон аввалги йили ҳам шу маҳаллада ишлагани учун одамлар уни яхши таниб қолишган, ҳурмати қишлоқдагидан кам эмас экан. Ҳашаматли иморат эгалари чала-ярим кўчиб чиқишган, ертўла эшиги олдига баҳайбат ит боғлаб қўйилганидан бу ерда қўлга илинарли мол-ҳол борлигини англаш мумкин эди. Тўртинчи куни бозорга тушиб Кесакполвонга дуч келди. Қаерда йўқолиб юрганини айтиб, ҳашаматли уйни ҳам тилга олди. Кесакполвон ундан яна баъзи нарсаларни сўраб билди. Эртасига ишдан қайтишганда итнинг ўлиб ётгани, ертўла эшигининг очилиб қолганини кўриб кўз олдига дарров Кесакполвон келди-ю, қўрққанидан юраги қинидан чиқиб кетаёзди.

Ҳовуз полвон «Ё, қодир Худо!» деганича аввал итнинг тепасига борди, сўнг ертўлага тушиб чиқди-да, уй эгаларини хабардор қилиш учун кетди. Бир соатга қолмай уй эгаси, ит етаклаган милисалар етиб келишди. Итни ертўлага олиб тушиб ҳид олдиришган эди, Ҳовуз полвонга қараб вовуллайверди. Уни олиб кетиш учун шугина кифоя бўлди. Худони ўртага қўйиб ичган қасамларига эътибор беришмади. Улар қасамга ишонишмади, итга ишонишди. Ҳовуз полвон милисанинг машинасига чиқаётганда орқасига ўгирилиб бир қаради. Ана шу қараш Чувриндининг хотирасига муҳрланиб қолган...

Орадан йиллар ўтиб, қишлоғини қўмсаб биринчи марта борганида итдан қўрққан мушук боладай писиб юрди. Болаликда орттирган дўстидан «Ҳовуз полвон тоға кўринмайдиларми?» деб сўраб, «шаҳарда ўғирлик қилиб қамалиб кетганлар», деган жавобни эшитди. Бу жавобдан сўнг «Полвон тоға билан учрашиб қолсам, мени урса ёки шарманда қилса-я», деган ҳадик кўтарилди. Ҳадик ўрнини ўзига нисбатан нафрат эгаллади. У Ҳовуз полвонни қамалган, деб гумон қилгану аммо кўп ўтирар, деб ўйламовди. У пайтда қўлидан ҳеч нима келмасди. Ўғри ким эканини билса ҳам айтишдан қўрқарди. Кейинроқ гуноҳини ювиш йўлларини қидирди. Қишлоқдаги ўртоқларига «Полвон тоғам тўй қилсалар албатта хабар беринглар» деб тайинлаган эди. Улар хабар юборишди, аммо боришга ўзида мардлик етишмади. Тўёна бериб юборди, аммо Ҳовуз полвон қайрилиб ҳам қарамабди — пулни қандай ўраб берган бўлса, шу ҳолда қайтиб олди.

Мана, орадан неча йил ўтиб ўз дарвозаси олдида учрашиб турибди. Чувринди худди ўшандаги каби «Полвон тоға!» деб бўйнидан қучгиси келди. Салом бергач, қучоқлашиб кўришиш мақсадида қўлларини икки ёнга ёйди. Лекин Ҳовуз полвон унинг шаштини қайтарди — ўнг қўлини узатиб қўя қолди. Атайин шундай қилдими ё одати шумиди, Чувринди билолмади.
— Полвон тоға, нега уйга кирмай бу ерда ўтирибсиз? — деди Чувринди гина оҳангида.
— Мен уйингни кўргани келганим йўқ, зарур ишим бор сенда, — деди Ҳовуз полвон. Унинг гап оҳанги ўзгармаган, гина ҳам, араз ҳам, пичинг ҳам йўқ эди. Чувринди қишлоқдан чиқиб кетганидан бери одамларнинг турли тарзда гапиришларига ўрганиб кетган. Тўйда бир хил оҳанг, мажлисда бошқа... Гап оҳанги ҳам суҳбатдошининг мартабасига қараб бўлади. Ҳовуз полвондай бир хилда гапирадиганлар кам. Чувринди ҳозир ундан пичинг кутган эди. Аниқроқ айтилса, Ҳовуз полвоннинг гап билан узиб-узиб олишини хоҳлаган эди. Шундай бўлганда кўнглини йиллар бўйи босиб ётган ғубор кўтариларди. Афсус, ундай бўлмади. Ҳовуз полвон ўзгариб турадиган буқаламун тоифа эмасди.

Чувринди кутилмаган меҳмонни уйга таклиф қилди. Ҳовуз полвон ўжарлик билан рад этди. Мезбон қатъиятлик билан зўрлайвергач, ноилож ичкари кирди.

Меҳмонхонада дастурхон тузоғлиқ эди. Келди-кетди кўп бўлгани учун дастурхон ҳамиша шундай турарди. Бундан бехабар Ҳовуз полвон «меҳмон келар экан», деб ўйлади.
— Маҳмуджон болам, ўтир, гапимни айтаману кетаман, — деди у.
— Полвон тоға, оловга келдингизми, мунча шошасиз?
— Уйингни меҳмон босадиганга ўхшайди, ошга тушган пашшадайин ўтирмайин.

Чувринди унинг мақсадини тушуниб, кулимсиради:
— Хотиржам ўтираверинг. Келинингиз меҳмон келиб қолса, шошилмайлик, деб шундай тузаб қўяди. Сиздан бўлак азиз меҳмонимиз йўқ. Кетишни хаёлингизга ҳам келтирманг.

Ҳовуз полвон бир оз хотиржам тортса-да, шинам безатилган уйда яйраб ўтиролмади. Гул солинган бу деворлар, ўймакор шифт уни босаётгандай бўлаверди.
— Уйинг бинойи, — деди Ҳовуз полвон. — Мен билан юрганингда бунақа уйда яшамас эдинг. Қочиб тўғри қилган экансан.

Чувринди хотини узатган чойни олиб, меҳмоннинг рўпарасига ўтирди. Узр айтиш мавриди келганини англаб, сўз бошлади:
— Полвон тоға, ўшанда...

Ҳовуз полвон унинг мақсадини дарров фаҳмлаб, гапиришга йўл қўймади.
— Маҳмуджон болам, уйингни кўрдим, агар хўп десанг, ҳовлида ўтирсак. Ёз бўлди уйга кирсам, юрагим сиқилаверади.

Меҳмоннинг истаги дарров бажарилди. Ҳовлидаги сўрига ўтиришлари билан икки косада лағмон келтирилди. Ҳовуз полвон мулозаматни кутмаёқ косани қўлига олди. Кичикроқ коса унинг бақувват панжасида пиёладай кўринди. Чувринди ўрнидан туриб, ошхонага борди-да, хотинига «каттароқ коса йўқмиди, яна бир коса олиб бор», деб танбеҳ берди.

Ҳовуз полвон асли қўшни хўжаликда яшаркан. Бир томони хўжалик камбағалроқ, бир томони аёлманд бўлганидан анча қийналибди. Икки кило гуручни дамлаб ош еб, қорни тўймаган оилани тасаввур этинг. Ҳовуз полвон тўйса, болалар тўймайди, болалар тўйса — у оч қолади. Ҳуллас, бойроқ ҳисобланган хўжаликка келиб, бошпана сўрайди. Хўжалик бой бўлса, ортиқча жой ҳам бўлмайди. Раис бақувват бу одамдан бир иш чиқармикин, деб ҳовуз тозалашда қарашишни таклиф этади. Ҳовуз полвон қарашиш у ёқда қолиб, бошқаларни аралаштирмаёқ бу ишни бир ўзи бажариб ташлаган. Унинг овқат ейиши ҳам ишига қараб эди. Қишлоқ аҳлининг лой отиши шарт эмас, унга овқат етказиб бериб турса бас эди.

От ҳовуз Чувринди яшайдиган уйнинг ёнгинасида эди. Ҳовуз полвон шуни тозалаётганда бирдан ҳовлига кетма-кет палахса-палахса лой туша бошлайди. Ҳовуз полвон «Ҳой мироб, овқат берасизми ё йўқми!» деб бақиради. Икки-уч йил ичида у Маҳмуднинг бобоси билан дўстлашиб, шундай ҳазил қилишга ҳадди сиғиб қолган эди.
— Ҳозир, ҳозир, — деб шошган эди бобоси ўшанда. — Худо сенга ўхшаган полвонларни лой ейдиган қилиб ярата қолса нима бўлади, а? Қишлоқдагилар сени кўрса, ошхонасига қулф уряпти...

Чувринди иккинчи косада лағмон келгач, бобосининг ўша гапини эслаб кулимсираб қўйди. Бобосининг ёши Ҳовуз полвонникидан анча катта, лекин худди тенгдошдай муносабатда бўларди. Буларнинг дўстлиги ҳам, ҳазиллари ҳам беғараз эди. Чувринди бу дўстлик ҳақида кўп ўйлаб: «Миннатсиз, риёсиз дўстликдан одамлар нега қочадилар?» деб ажабланарди. Худо уни емоқ-ичмоқдан, мол-дунёдан қисмади, айнан шундан қисди. Унга Собитхон айтган бир гап маъқул келиб, яхши эслаб қолган эди. Собитхон: «Расулиллоҳ «ҳақиқий дўстларни кўпайтиринглар, булар яхшилик кунларда зийнат бўлурлар, бало тушганда бошпанадирлар» деганлар», деб эди.

Дуруст, аммо ҳақиқий дўст топиш осонми экан? Чувринди мана шундан доғда. Баъзан юраги сиқилганида бор молимни битта дардкаш дўстга алмашардим, деб ўйларди...

Ҳовуз полвон косадаги овқатга қўл узатмади.
— Илгариги полвон тоғанг йўқ энди, — деди у. — Қариганда бир коса овқат ҳам кўплик қилиб қоларкан.
— Қаридим, деманг-э.
— Қаридим, болам... қаридим. Энди сен ҳадеб тураверма, жим ўтир, гапимни эшит. Мени бу ерга бир дард бошлаб келди. Шуни айтволай. Гапимнинг аввали шуки, сен у ишдан хижолат тортмагин, болам. Бола эдинг, кўп нарсаларга тушунмагансан. Мен сени айбламайман. Мендан ўзингни олиб қочиб юрганингни биламан. Айбингни тушунибсан, шунинг ўзи катта гап. Без бўлиб юрганингда адабингни бериб қўярдим. Энди... мақсад шуки... кичигим сал бевошроқ чиққан. Ўзим у ёқда бўлиб, тарбияси бошқачароқ кечди-да. Ҳа, майли, Худо инсоф бериб қолар. Хулласи, шу супра қоқди ўғлим кечаги ола-тўполондан сўнг бир-икки ошнаси билан Фарғонага тушибди. Турклар ташлаб кетган уйларга киришибди у аҳмоқлар. Назаримда ул-бул кўзига чиройли кўриниб олган-ов... Ана энди қамоқда ўтиришибди. Айб иш қилган экан, қамашсин, жазосини тортсин. Бунисига розиман. Лекин... қамоқда баттар бу-зиладими, дейман-да. У ёқни ўзим кўрдим, биламан. Мен-ку, эсимни таниганимда тушдим. Бу болаларнинг эси йўқ ҳали, яхши-ёмонни ажратмайди. Иккита боши бузуқнинг орқасидан эргашиб кетворади... Бу дардимнинг бир томони, дардимнинг ярали томони ҳам бор... Ўғрининг боласи ўғри бўлибди, деган таънани кўтариб юролмайман. Бошимни эгса шу таъна эгади, ўлдирса ҳам шу ўлдиради мени...
— Куюнманг, Полвон тоға, мен бир суриштириб кўраман.
— Ҳа, суриштир, омма, бир менинг ўғлимни эмас, ошналарини ҳам чиқартирасан. Ўғлим чиқиб, улар қолса инсофдан бўлмайди.
— Хўп, тоға, мен суриштирай. Агар масковлик терговчилар қўлига тушмаган бўлса, йўли осонроқ.
— Э, нима деяпсан, масковликми, бу ерликми — барининг жиғилдони бор. Жиғилдон бор жойда иш битмай қолмайди. Сен гаплашовур. Сўраганини товиб берамиз. Пули йўқлигидан келди, дема. Пул бор, Худога шукр. Гаплашадиган лаб-даҳан йўқ, бизда. Сенинг довруғингни эшитганмиз.

Ҳовуз полвоннинг «ўзим у ёқда бўлиб, тарбияси бошқачароқ кечди-да», деган гапи Чувриндига оғир ботди. «Сен туфайли қамалмаганимда боламни яхши тарбия этар эдим, ўғирлик билан қўлга тушмас эди, сенга бош эгиб ялинмасдим...» деган маънода англади. «Ҳамонки шундай экан, боланинг бу ҳолга тушишига мен айбдор бўлиб чиқаман. Уни қамоқдан қутқариб қолиш ҳам менинг зиммамда. Хўп, унда нима учун «суриштириб кўраман», деб ланжлик қиляпман?!» У шундай деб ўзидан-ўзи нафратланди.
— Полвон тоға, қўйнингизни дарров пуч ёнғоққа тўлдириб қўймай, деган мақсадда суриштирамиз, дедим. Ўзим бориб ўтирсам ҳам ўғлингизни чиқартираман.
— Ўзинг ўтирма, болам, бировни ўтиргулик қилмасин.
— Кейин уни менга топширасиз. Ҳамма ҳавас қиладиган одам бўлади. Ўқиса ўқитамиз.
— Э, йўқ, ўқийдағон боламас у. Хафа бўлма, омма, сенга ҳам топширмайман.
— Сиз мени ҳам...
— Йўқ, сен ўғри эмассан.
— Бир-икки жойда лимонад тсехим бор. Кооператив таксиларим бор. Мен унинг чўнтагига пул солиб қўймайман. Ишлаб топади. Пул топишни ўрганади.
— Маъқул, аввал чиқсин, кейин мулоҳаза қилармиз.

Чувринди керакли жойларга телефон қилиб, масалани ҳал эта бошлагач, Ҳовуз полвоннинг кўнгли жойига тушиб, кетишга ҳозирланди.

Чувринди бугунча қолинг, деб ялинса ҳам, Ҳовуз полвон унамади.
— Бугунги поездда қайтмасам бўлмайди, — деди у қатъий оҳангда.
— Паттангиз борми? — деб сўради Чувринди.
— Бе, шу пайтгача патта билан юрибманми? Бешта сўм бераман, кетовраман-да.

Чувринди унинг ташвишини тушунди — кўнгли боласида. Бу ерда партўшак солиб берсанг ҳам тиконзорда ётгандек бўлади. У телефонда йигитлардан бирига патта тўғирлаб қўйиш ҳақида буйруқ бергач, меҳмонга қараб:
— Поезд кетишига ҳали икки соат вақт бор, шошилманг, — деди.

Чувриндининг хотини танбеҳни инобатга олиб, паловни катта лаганга сузди. «Лағмонга иштаҳалари бўлмади» деб ўйлаган эди. Ҳовуз полвон паловни ҳам аввалгидек тановул қилмади. Бу чиндан қарилик таъсирими эди ё ўғил ташвиши иштаҳани бўғган эдими, Чувриндига қоронғи. У меҳмонга қараб туриб: «Шундай одамни ҳам дард енгиши мумкин экан-да, а?» деб қўйди.

Бекатда уларни калта енгли кўйлагининг тугмаларини киндигига қадар ечган, бўйнига тилла занжир осган бир йигит кутиб олди. Хўжайинининг ёнидаги одамни кўриб ажабланди. «Нозик одам деганингиз шуми?» дегандай кўзини лўқ қилиб турди.
— Бўлдими? — деди Чувринди унинг ажабланганини сезмагандай.
— Бўлди, жой ништяк, — деди йигит.
— Бошла.

Икки кишилик купе дим эди. Кун иссиқлигига қарамай галстук тақиб олган ўрта яшар киши газетадан елпиғич қилиб, елпиниб ўтирарди.
— Мана, Полвон тоға, шу ўрин сизники, — деди Чувринди бўш жойни кўрсатиб. — Баҳузур ҳордиқни чиқариб борасиз. Чой-пойдан хабар олиб туришади.

Галстукли киши бўйнидаги терни рўмолчаси билан артиб, Ҳовуз полвонга бошдан-оёқ разм солди-да, энсаси қотди.
— Бобойнинг билетлари борми? — деди у Чувриндига қараб.

Чувринди унга жавоб бермай, норози қиёфада йигитга боқди.
— Билет бор, — деди йигит. Кейин энгашиб унинг қулоғига нимадир деб шивирлади. — Бу ёққа чиқайлик тушунтириб бераман...

Галстукли киши довдираб ўрнидан турди-да, йигитга эргашди. Бир неча дақиқадан сўнг қайтиб, нарсаларини олди:
— Адашибман, билетим бошқа вагонга экан, — деб шошганича чиқди.

Чувринди йигитга қараган эди, у бош бармоғи билан кўрсаткич бармоғини бирлаштириб, тешик кулча ҳолатига келтирди-да, «ҳаммаси жойида» дегандай чап кўзини қисиб, кулимсиради.

Чувринди Ҳовуз полвон билан хайрлашиб чиққач:
— Уни нима бало қилдинг? — деб сўради.
— Икки оғизгина гапирдим. Халқпарвар одам экан, умумий вагонда халқ билан бирга кетгиси келди.

2

Чувринди уйга қайтгач, каравотдаги кўрпачага ёнбошлади. Айвонда акалари билан ўйнаб ўтирган кенжатойи уни кўриб «адда, адда» деб ҳаракатга тушди. Ошхонадаги юмушларини эндигина бажариб бўлган хотини болани кўтариб келди. Кенжатой отасини ялаб-юлқай бошлади. Ота учун масъуд дамлар бошланди. Дунё ташвишлари унутилди. Кимнингдир ўғли ўлдирилгани, кимнингдир ўғли қамоқда ўтиргани, кимнингдир берган қарзини ундиролмаётгани, ким-нингдир умид қилган амалига етишолмаётгани, кимнингдир қайғуси ёки шодлиги... ҳаммаси унутилди. У ҳозир фарзандининг ширин тилидан чиққан биттагина сўз учун дунё нима экан, жонини беришга тайёр эди. Афсус шуки, масъуд дамлар учун вақт хасислик билан ажратилган бу дунёда телефон деган матах борки, унинг асабий жиринглаши кишини бахтиёрлик уммонидан ташвиш чўлига ирғитиб ташлайди. Тавфиқ тўтисига етишмак насиб этгунига қадар бу чўлда ғаззолани қувган сари сарсари кезади... Ҳозир ҳам шу ҳол юз берди. Чувринди боласининг эркалигига тўймасидан телефон бетўхтов жиринглади.
— Бошқа шаҳардан шекилли? — хотини шундай деб ўрнидан турди-да, айвон сари илдам юрди. Гўшакни қулоққа тутиб, салом-алик қилгач, эрига ажабланиб қаради-да, телефонни кўтариб келди.
— Ким? — деди Чувринди боласини бағридан бўшатмай.
— Билмадим, — деди хотини, сўнг ажабланганини яширмай деди: — Овозларидан Жамшиджонга ўхшатдим.
— Эсинг жойидами? — Чувринди шундай деб болани унга берди-да, гўшакни қулоғига тутди: — Алло, ким бу?
— Менман...

Дарҳақиқат, Жамшид эди...

Чувринди хотинига қараб қўйди. Бу қарашнинг маъносини англаган хотини отасига интилиб талпинаётган боласини бағрига босганича айвон сари юрди.
— Нима гап, тинчликми? — деди Чувринди, хотини узоқлашгач.
— Тинчлик, — деди Жамшид.
— Яхши кутиб олишдими?
— Кутиб олишди.
— Унда нима учун телефон қилдинг? Жим юратур, девдим-ку?
— Жим юролмаяпман, Маҳмуд ака. Бек акамга нима гуноҳ қилдим, айтсинлар. Гуноҳим бўлса майли, ўлдирсинлар. Ғинг деган — номард.
— Овозингни ўчир. Мишиқи болага ўхшаб минғирлашингни қара! Бек акам ҳали бир нарса демадилар. Сўрашнинг мавриди келса, ўзим сўрайман, сени ўзим топаман. Ўша ёқда жим юр. Е, ич, айшингни сур. Фақат бир ишкал чиқсагина телпон қил. Бошқа гапинг йўқми?
— Йўқ.
— Омадингни берсин... — Шундай деб гўшакни жойига қўйди.

Аввалига Жамшиднинг бетоқатлик қилганига аччиқланди. Кейин унинг аҳволига тушунди. У ҳали ўзининг «дорга осилиб, сўнг мурдаси ёқиб юборил-гани»ни билмайди. Билгани — Асадбекнинг ғазабга миниб, уни ўлимга ҳукм этиб юборгани. Нимага ғазабланди — ҳеч кимга аниқ маълум эмас. Чувринди Асадбек билан бирга Элчинникига боргач, Зайнабга алоқадор бир иш бўлганини фаҳмлаган, аммо гумонга суяниб иш кўрмасликни одат қилгани учун бу тахминга ишониб-ишонмайди. Шу фикр дастлаб хаёлига келганида «Наҳот Жамшид шу даражада аҳмоқ бўлса!» деб ажабланди. Хайрлашар маҳалидаги Жамшиднинг жавдираган кўзларига боқиб «йўқ, бундай қилиши мумкин эмас», деган тўхтамга келди.

Асадбек ўшанда буйруқни қатъий тарзда берган эди. Муҳлат ҳам оз — ҳукм эрталабгача ижро этилмоғи шарт. Ўйлашга, мулоҳаза юритишга фурсат йўқ. Буйруқ берилиши билан Чувринди: «Балки аблаҳлик қилгандир, лекин дунёда ундан беш баттар аблаҳлар яшаб юрганида у ҳам тирик қолса бўларди», деган аниқ бир тўхтамга келди. Лекин унинг жонини қандай сақлаб қолиш керак — шу муаммо ечилмоғи лозим эди. Асадбекни фикридан қайтариш қийин. Ягона йўл — ўликхонадан эгасиз ўлик сотиб олиш. Чувринди бу йўлнинг тўғри эканига шубҳа билан қаради, охир-оқибат катта ташвишларга тақалишини ҳам олдиндан кўра билди. Аммо ўша дамда бошқа чораси йўқ эди. Бу ишга ўзларининг йигитларини аралаштиришмади. Жамшидни Чувриндининг ўзи кузатди. Иккита кавказликни ёнига олиб, мурдани Кесакполвон топиб келди. Мурда ёнаётган маҳалдаёқ Чувринди ўзича «бу — иккинчи хато» деб қўйди. Шилимшиқнинг осилиб туришини ҳам у маъқулламаган эди. «Ўлдирди, ўчини олди, хумордан чиқди, энди мурдани йўқотиб юбориш керак», деди. Лекин унинг гапларига қулоқ осмадилар. «Элчин шуни маъқул кўрибдими, осилиб тураверсин», дедилар. Мана энди Зоҳид Шарипов дегани кавлаштириб ётибди. Чувринди ундан қўрқмайди, ишнинг ўзлари ўйлаганларича ёпилишига ишонади, аммо унгача анча безовта бўлиб юриши ёқинқирамайди. Зоҳиднинг чақирувидан сўнг нозик акахонларидан бирига буни айтди. У «расм-русмларни қилиш керак-да. Хўп, деб туринг, бир оз кавлаштириб хумордан чиқсин. Сал оғса ўзимиз тўғрилаб қўямиз», деб тинчлантирди.

Ҳозир Жамшид билан гаплашганидан сўнг ўйга толиб, мана шуларни эслади.

3

Элчин Ҳосилбойваччаникидан чиққач, ўйлаб ўтирмаёқ шаҳар марказидаги уч қаватли уй томон йўл олди. Бўтқага учрашиб, Чувриндининг уйида эканини аниқлади.

Бу кун Чувринди Ҳовуз полвоннинг илтимосини бажариш билан овора бўлиб, яхшиликка олиб борувчи йўл топган, ишни юритиш учун йигитлардан бирини эндигина Фарғонага жўнатиб, кўнгли тинчиган ҳолда уйга қайтган эди. Ҳали бир пиёла чой ичишга улгурмай, эшикдан кириб келаётган Элчинни кўриб, ҳайрон бўлди.
— Ҳа, Ҳофиз, тинчликми? — деди уни уйга бошлаб.

Элчин Чувринди кўрсатган жойга ўтириб, муддаога кўчиб қўя қолди. Ҳалимжон Чувриндини ҳам қизиқтириб қўйди. Йўқ, унда йигитни дарҳол хизматга олиш фикри туғилмади. Чувринди бунақа ҳолда арқонни узун ташлайди. Кимгадир яхшилик қилади. Ана шу пайтда бурунга бурундуқ илишни ҳам унутмайди. Вақти-соати етиб, лозим бўлганда бурундуқни аста тортади. Жамшидни қамоқдан барвақт чиқишига ёрдам берганида ҳам унинг садоқатли йигит бўлишини ўйламаган эди. «Чиқаверсин-чи, балки фойдаси тегар», деб хаёл қилганди. Жамшид ўша яхшиликка садоқат билан жавоб берди. Асадбек Жамшиддан сўнг бошқа йигитларни ёқтирмай турибди, балки шу маъқул бўлар, деган фикр хаёлини ёритиб, Ҳосилбойваччага қўнғироқ қилди:
— Бой, женсоветга раис эмишсанми, муборак бўлсин, — деб гапни калта қила қолди.

Шундан сўнг орага сукут чўкди. Элчин ерёнғоқнинг пўчоғини бармоқлари билан эзғилаб хаёлга чўмиб ўтирарди. Чувринди унинг дардини биларди. «Ҳозир дардини ёради, худди Жамшидга ўхшаб саволига жавобни мендан ахтаради», деб ўйлади. Янглишмади.

Элчин дардини ёриб, ҳасрат қилмаса ҳам сўради:
— Жамшиднинг ўлимини... нега мендан кўрдинглар?

Чувринди саволни кутган бўлса-да, жавобга шошилмади. Кейин бу бир арзимас гапдай:
— Бек акага шундай туюлибди, — деди.
— Бир гумон билан бадном қилиб юбораверасизларми? — деди Элчин.
— Бадном? — Чувриндига бу гап ёқмай, қошларини чимирди. — Сизни ҳеч ким бадном қилмади. Бек акам гумонларини шунчаки айтдилар. Агар гумонсирамай аниқ билганимизда гапимиз бошқача бўларди. Жамшидни ўлдириш кўнглингизда йўқ эдими? Ўғил бола гапни айтинг.
— Ўғил бола гапми? Ўғил бола гап шуки... ҳали кўп қон ичишим керак мен...
— Бу гапни хаёлингиздан чиқариб ташланг. Одам қўлидан келадиган ишга ҳаракат қилиши керак. Кўрпага қараб оёқ узатаверинг. Агар менга ишонсангиз бир гап айтай.
— Айтинг.
— Аниқ биламан: хотинингизнинг ўлимига фақат Шилимшиқ айбдор, Жамшиднинг алоқаси йўқ эди. У пайтлар Жамшид ғўр эди, бунақа ишларга аралашмасди. Шилимшиқ билан боргани тўғри, аммо аралашмаган. Бу ишда қонунчиларга нисбатан Бек акамнинг ҳукмлари қаттиқроқ бўлган. Сиз ўшанда... — Чувринди «нодонлик қилгансиз» демоқчи эди, «яна жириллаб юбормасин», деб фикрини бошқачароқ ифода этди: — Ўзингизга ўзингиз жабр қилдингиз. Ўша мардлигингиз билан нимага эришдингиз? Ким сизга «баракалла, қойил, ўғил бола!» деди?

Бу сўзлар игна ўққа айланиб Элчиннинг вужудига санчилаверди. Ўқ ҳар санчилганида юраги бир ларзага тушди. Машойихлар «бедарднинг олдида бошимни оғритма», деган эканлар. Элчин Чувриндининг гапини шарт бўлиб «Сенларда юрак деган нарса борми? Юракларинг қон ҳайдашдан бошқа юмушни ҳам биладими!» деганга ўхшаш гапларни айтгиси келди. Аммо ўзини тутди. Тўғри, у кўп ҳолларда туйғунинг қулига айланарди. Туйғу қаёққа ундаса ўша ёққа юрарди. Баъзан туйғунинг шайтонбулоқдан сув ичиб қўйишини эса инобатга олмас эди. Элчин айрим одамларни туйғусизликда айблаб, улардан нафратланар эди. Аммо айни дамда инсонга берилган улуғ неъматлар орасида ақл ҳам мавжудлигини, туйғу аччиқ ҳақиқат олдида ожиз қолишини ҳисобга олмасди. Чувринди ҳозир ҳақиқатни айтаётган эди. Унинг овозида ҳақорат, масхара ёки таҳдид оҳанги йўқ, самимий дўст каби оҳиста, сўзларни чертиб-чертиб гапирарди. Унинг сўзлари гарчи ўқ каби ботаётган бўлса-да, Элчин учун янгилик эмасди. Қамоқда эканида дардини айтганда Зелихондан бундан бешбаттарларини эшитган. Шу сабабларга кўра ҳам Чувриндига гап қайтармай ўтирди.

Чувринди гапларим қандай таъсир этяпти, деган фикрда ҳамсуҳбатига қараб, бир оз сукут қилгач, яна сўзларини давом этди:
— Мактабда Александр Матросов жасоратини гапиравериб, тинкамадоримизни қуритишарди. У-ку, ҳар куни минг ўлимга дуч келавермай, деб осон ўлим йўлини топган, жонидан тўйгану таппа ташлаган. Сиз ҳам ўшанга ўхшадингиз. Сизнинг айбингиз ҳам бор: қиморга аралашмаганингизда бу машмашалар йўқ эди. Сиз эсламасангиз мен эслайман. Ўша воқеадан олдин Бек акам «Ҳофиз, қимор ўйнама» деб огоҳлантиргандилар. Энди мен бир гап айтай, сиз хафа бўлманг: сиз мушук-сичқон ўйнашни йиғиштиринг. Сиз икки дунёда мушук бўлолмайсиз. Анави чечен болангизга ишонаверманг. Ҳа, айтмоқчи, кўринмай қолдими?
— Юртига кетган.
— Яхши қилибди. Келишдик, а?
— Нимага?
— Сиз бундан буёғига ашулангизни айтиб, тинчгина юрасиз.

Элчин заҳарли жилмайди.
— Мен сиз билан сулҳ тузгани келмаган эдим.
— Тўғри, сиз илтимос билан келдингиз. Лекин эски пахтани чуваганингиз учун мен омади гапни айтдим.
— Мен эски пахтани чувиганим йўқ. Жамшиднинг ўлими сабабини билмоқчи эдим.
— Буни Худо билади.

Шу гаплардан сўнг кўзлар тўқнашди. Айни нафасда иккаласининг кўнглига бир мазмундаги гап келган, аммо тилга кўчиришга андиша қилишаётган эди. Андиша қаршисида тил ожиз қолган маҳалда кўзлар бевафолик қилиб, фикрни ошкор этиши мумкин. Ҳозир шу ҳол юз берди.
— Жамшид Зайнабга... суйкалган эдими? — деб сўради Элчиннинг кўзлари.
— Суйкалганини кўрганим йўқ, аммо уйингга борганини аниқ биламан, — деди Чувриндининг кўзлари.
— Асадбек... қайнотам буни қаёқдан билиб қолди?
— Ўз кўзлари билан гувоҳ бўлди...
— Зайнаб... шилта қизлардан эмас эди?
— Бу дунё ҳаётидан ҳар нарсани кутиш мумкин...

Сўнгги саволга жавобни Чувриндининг кўзлари эмас, Элчиннинг кўнгли айтди. Ўз саволига ўзи жавоб берди-ю, юрагида санчиқ туриб, беихтиёр чап кўкрагини ушлади.
— Маза қочдими, Ҳофиз, — деди Чувринди. Элчин жавоб бермагач, худди ўзига-ўзи гапиргандай паст овозда деди: — моторни эҳтиёт қилиш керак.

Элчин ўрнидан турди. Эшик томон бир қадам ташлаб, Чувриндига ўгирилди:
— Мотор, Худо хоҳласа, елкадаги юкни манзилга олиб боришга чидайди.

XII боб

1

Шундай одамнинг боласи?!

Анвар бундан қирқ йил аввалги тергов ҳужжатларини ўргана туриб, ўзига тез-тез шу саволни берар, аммо тайинли мақбул жавоб топа олмас эди. Неча минг одам чақув, туҳмат қурбони бўлган йилларда Асадбекнинг отаси ҳеч бир чақувсиз, ҳеч бир туҳматсиз ҳолда жазога тортилган эди. Уни қамаш учун чақувнинг ҳожати йўқ эди. Ҳуқуқ илмини ўрганаётган талабанинг урушнинг дастлабки ойларидаёқ сафарбар этилгани, қўшин қуршовда қолгани, кўплар қатори асир олингани, контслагердан қочгани, Югославия ўрмонларида, тоғларида жанг қилгани... чақувга муҳтож эмас, барчаси ҳужжатларга муҳрланган эди. Унинг айби бир — Югославия доҳийси Тито билан шахсан таниш бўлган. Бу ҳам туҳмат эмас. Уруш тугагач, доҳий уни бағрига босиб суратга тушган, қаҳрамонлик нишони топширган. Аввалига у ҳам Иттифоқ қаҳрамони сифатида қадр топгандай бўлди. Сўнгроқ, Сталин билан Тито орасидан ола мушук ўтгач, Югославия партизанлари билан бирга жанг қилган барча совет аскарлари хоинлар рўйхатидан ўрин олдилар. Уларга «Сен Тито қўшинида жанг қилгансан» деб айб тақашмади. Унга қадар асирга тушган эдилар, қамаш учун шунинг ўзи кифоя эди. Терговдаги саволларнинг мазмунига қараганда улар контслагердан қочмасликлари лозим экан, жонларини гаровга қўйиб, жанг қилмасликлари шарт экан. Ўзбекистон қаёқдаю Югославия қаёқда?! Асадбекнинг отаси минг кеча-кундуз ё ўларини билмай, ё қоларини билмай ажалнинг соясида яшади. Асадбекнинг онаси эрининг на тирик экани, на ўлик эканини билмай умид офтобида қовжираб ҳаёт кечирди. Минг кун-а!? Шунинг мукофотига яна қамоқ, яна айрилиқ ва ниҳоят Сибирнинг овлоқ бир ерида ўлим топиш. Ўлим топганда ҳам номини қора рўйхатларда қолдириб, армон билан кўз юмиш...

«Ажаб... — деб ўйлади Анвар, — душман бир бўлса, унинг чап томонида туриб уришдинг нимаю ўнг томонида туриб уришдинг нима? Ўнг томондагилари халқ қаҳрамонлари, чап томондагилар эса халқ душманлари бўлиб чиқса... Бундан ҳам ортиқроқ аҳмоқлик бўлармикин бу ёруғ жаҳонда...»

Анвар ҳужжатлар билан таниша туриб Холидийнинг суюкли шогирдларидан бири томонидан ёзилган мақолани эслади. Шогирд устозга содиқ қолгани ҳолда Югославия партизанлари сафида жанг қилганларни сиёсий онгсизликда айблаган эди. Орадан кўп йиллар ўтди. Вазият ўзгарди. Аммо ўша мақола ҳануз ҳаёт, қайта-қайта нашр этилаётган тарих китобларида бирон-бир нуқта ўзгармагани ҳолда турибди. Асадбекнинг отаси ҳам «ҳаракатида жиноят излари бўлмагани сабабли» афв этилган. «Наҳот у олимлар бундан бехабар қолишган? — деб ўйлади Анвар. — Орадан ўттиз беш йил ўтяпти... Бу ҳужжатларни нима учун ўғлига — Асадбекка кўрсатишмади? Бунга ўхшаган одамлар яна қанча?..»

2

Эшакни йўқласанг қулоғи кўринади, деганларидай, ҳеч кутилмаганда эшик очилиб, Холидий кўринди.
— Ие, мулла Анваржон, — деди у жилмайиб, — хурсандман, бағоят хурсандман.
— Мени кўрганингизданми? Эрталаб учрашувдик-ку? — деди Анвар.
— Иш билан, илм билан машғул шогирдларимни кўрсам, қувониб кетаман, — деди Холидий бўш стол томон юриб.

«Биз ҳам шогирдлар сафига қўшилибмиз-да, а? Шундай олий мақомда эканману билмай қолганимга доғман энди», деб ўйлади Анвар. У бир пичинг гап отиб «устоз»нинг ғашига тегишни мўлжал қилиб турганда шу идора хизматчиси кириб Холидийга ҳужжатлар тўпламини узатди.
— Бу давру давроннинг қадрига етмоқ керак, — деди Холидий ҳужжатларни варақлай туриб. — Шунча йил илм қилиб ҳужжатларнинг асл нусхаларини варақлашга энди эришдик. Бизнинг фожиамиз шунда эдики, азизим, биз ҳужжат кўрмай, тарих илмини яратдик.

«Бу одам ҳам тўғри гапирар экан-ку, а? — деб ўйлади Анвар. — Ҳужжатга асосланмаган илм яратгани тўғри, аммо ҳужжатни ўзи кўришни истамаганми ё йўл беришмаганми? Бу одамга ҳамма эшиклар очиқ эди-ку? Энди нима учун ҳужжат титкилаб қолди? Титкилаш вазифаси шогирдларидан ортмас эди?.. Қизиқ...»

Анвар муҳим иш билан банд одамдай сатрларга кўз тикиб жим ўтираверди. Аслида ўқийдиганини ўқиб, аниқлайдиганини аниқлаб бўлган, чиқиб кетавериши ҳам мумкин эди. Бироқ, Холидийнинг ташрифи ажаблантирган, бу ташрифдан мақсад не, интиҳо не эканини билмоқ истаги уни ушлаб турарди. Холидий кўзларини саҳифаларга қадаб ҳарф терар, зарур жой келганда худди ялаб оладигандай тилини чиқариб қўярди. Анвар зимдан кузатар, унинг қўлидаги ҳужжатлар кимга тегишли эканини билишга қизиқиш тобора ортарди. Ҳар балога ақлим етади, деб ҳисобловчи, ҳақиқат барибир қарор топади, бунинг учун курашмоқ шарт, деб ишонувчи Анвар бу ҳужжатлар тўплами Холидий қўлидан кўп марта ўтгани, «устоз»нинг фикри ҳозир бу ҳужжатлар билан эмас, бошқа нарсалар билан банд экани, ҳадемай тилга киражагини билмас эди.

«Душманни бир ҳамлада йўқ қилиш ҳар қандай аҳмоқнинг қўлидан келади, — деб ўйларди Холидий. — Худога шукур, мен аҳмоқ эмасман. Мен — мерганман. Бир ўқ билан истасам ўн қуённи ураман. Душманни эса бошқа бир душманим қўли билан янчаман. Ҳамиша шундай қилиб келганманми, бу усул менга панд бермадими, бундан кейин ҳам шундай бўлади... Нодон бола... Ҳужжат титиш сенга нима беради? Хўп, ҳақиқатни англадинг, кейин нима бўлади? Сенинг ҳақиқатинг ҳеч кимга керак эмас. Ҳар бир даврнинг ўз ҳақиқати бўлади. Эсинг бутун бўлса сен ана шу ҳақиқатни фаҳмлаб ол. Йў-ўқ... бунга фаҳминг етмайди. Сенинг ҳақиқатинг жиннихонада. Қани, мени кузатавер-чи. Эртага борадиган жойингга боргач, мени соғиниб қоларсан...»

Холидийнинг бу даражада дадил фикрлаши бежиз эмас эди. У кеча муҳим бир масалани ечиб, кўнгли шодланганди. Анвар жиннихонадан чиқиб келганидан бери унинг ичини ит таталарди. Қарийб ярим йил бадалида бу «бола»ни йўқотишни ўйлаб, боши гангиди. Жиннихонадан Асадбек ҳукми билан чиқарилганини билиб анча вақтгача ҳадиксираб юрди. У умри мобайнида ўзига ёқмаган одамларни ғаним деб билиб, қанчасини янчиб ташлади. Улар олдида Анвар бир қумурсқа. Олдига озгина шакар сепиб қўйса, ўзи билан ўзи овора бўлади. Аслида олишишга ҳам арзимайдиган бир «мишиқи бола». Лекин шу мишиқининг олифтагарчилигини ҳазм қила олмайди. Бу олифтагарчилик бошқа ёшларга юқмасин, дейди.

Холидий ўйлай-ўйлай, аччиқни аччиқ кесади, деган ақидага амал қилиб, Асадбекнинг кушандаси ким бўлиши мумкин, деб сўраб-суриштирди. Асадбек ҳаммадан зўр бўлгани билан албатта кимдир, қайси бир кавакда туриб бўлса ҳам унга қарши тиш қайрайди. Кимдир чалишга пайт пойлайди. Шундай одамнинг мавжудлигини, унинг номи Ҳосилбойвачча эканини билиб, қувонди. Холидий Ҳосилбойваччанинг отасини яхши танирди. Уларнинг танишлиги Ҳосилбойваччанинг болалиги ўтган ҳовлининг олди-соттисидан бошланган. Ҳукумат томонидан Холидийнинг хизматлари тақдирланиб, унга икки қаватли уй берилгач, у маҳалладаги ҳовлисини Омилга — Ҳосилбойваччанинг отасига сотган эди. Ўшанда бир кенглик қилиб, жойнинг пулини биратўла яхлит ҳолда эмас, учга бўлиб бир йил давомида тўланишига кўнган эди. Омил унинг бу ҳимматини унутмай, ҳозирга қадар ҳам иззатини жойига қўйиб, ҳар кўрганда қуллуқ қилиб турарди.

Ўғлида шундай обрўли одамнинг юмуши борлигини билган Омил бу гапга ишониб-ишонқирамай ажабланди. Холидий буни сезиб, изоҳ беришни лозим топди:
— Энди Омилбек, замон шунақа бўлиб қолди. Идора бажара олмайдиган ишни ўғлингизга ўхшаган шоввозлар бир нафасда, хамирдан қил суғургандай дўндириб қўйишяпти.
— Биронтаси қарз-парз олиб, бермиётибдими? — деди Омил соддалик билан.
— Омилбек... шунақа десак ҳам бўлади, — деди Холидий нохуш оҳангда.
— Йўқ, сиз қарзини қистайдиган одамларданмассиз. Бир дардингиз бору айтгингиз келмиётибди.
— Тўғри фаҳмладингиз. Баъзи ишларни буюртмачи-ю, бажарувчининг ўзигина билгани маъқул. Ҳар- ҳолда, тешик қулоқ, тилнинг эса суяги йўқ. Ҳали бизнинг гапимизга Ҳосилбой нима дейдилару...
— Нима дерди, бизга бир ишингиз тушибди. Биз ҳимматни унутадиган ношукур бандаларданмасмиз. Юринг, кетдик, уйига борамиз.
— Шу ерга чақира қолмайсизми?
— Чақиришга чақираману келишга вақти бўладими, йўқми...

Холидий шу гапдан Ҳосилбойваччанинг ҳавоси анча баланд эканини англади. Катта бошини яна бир марта кичик қилиш лозимлигидан дили ғашланди.

Ҳосилбойваччанинг уйида меҳмон бор экан. Шомил уларни шийпонга бошлаб борди.
— Шефни чақириб бўлмайди. Хоҳласангиз кутинг, бўлмаса эртага келинг, — деди ўтиришга жой кўрсатиб.

Бу гапни эшитиб, Омил савол назари билан Холидийга қаради. Холидий Шомил кўрсатган жойга ўтириб «кутамиз» деди. Баобрў зиёфатларнинг тўрида виқор тўкиб ўтиришга кўниккан Холидий учун бу ҳолда кутиб ўтириш хорликдай туюлиб, малол келса ҳам, эрта кел, индин кел, деган гаплар чиқиб қолишини ҳисобга олиб, бу таҳқирга чидади.

«Буларнинг зиёфатини ҳам бир кўриб қўяйлик-чи...» деб ўзини овутди.

Зиёфат анча чўзилди. Холидий келганига пушаймон ея бошлади. Бу ерга бош эгиб келишга мажбур этган Анварни сўкди. «Зиёфат берувчи уй эгаси ташқарига ҳам чиқмас эканми?» деб ғижинди. Итининг феъли эгасига маълум деганларидай, Омилга ўғлининг бу қилиғи малол келмади. Омил ҳаётида озми-кўпми хиёнат кўчасига кирган бўлса-да, бир нарсага — уйқуга ҳамиша содиқ қолган. Уйқунинг шарпаси сезилиши ҳамон уни ноумид қайтармаган. У фақатгина юраётган маҳалида ухлашга ўрганолмаган, бошқа ҳар қандай ҳолатда мизғиб олиши мумкин эди. Оғайнилари «Омилга ёстиқнинг расмини чизиб кўрсатсанг ҳам ухлайверади», деб бежиз ҳазиллашишмасди. Холидийга Омилнинг бу одати номаълум бўлгани сабабли, ўтирган ерида бошини осилтириб пишиллашидан ғаши келди. Рўпарасида ўтириб пиво симираётган ғилайга қараб жаҳли чиқди.

«Кимсан, қандай одамсан ҳам демайди-я... Шунчалик димоғдорми булар. Омил тўнка ҳам таништириб қўймади. Бу ғилай нима қилиб ўтирибди ўзи?..» Холидий шу зайлда бир оз ғашланиб ўтиргач, ўзини ўзи овута бошлади:

«Булар ким ўзи? Алифни калтак дейдиган бефаросат одамлар. Улар учун академик ҳам бир, кўчада ётган алкаш ҳам бир. Булар одамнинг қадрини пул билан ўлчашади. Агар кўчада юмалаб ётган алкашнинг чўнтагида минг доллар бўлса, уларга академикдан кўра шу қадрлироқ. Ўша доллар учун унинг мишиғини ҳам артиб қўйишади. Агар мен олим эмас, фалончи бой бўлганимда бу ғилай ҳозир пиво ичиб газагига оёғимни ялаб ўтирарди...»

Холидийнинг тоқати тоқ бўлиб эндигина кетишга жазм қилганда, айвонда Ҳосилбойвачча кўринди. Ғилай сапчиб туриб кўча эшик томон тез-тез юрди. Башанг кийинган икки кишини Ҳосилбойваччанинг ўзи эҳтиром билан кузатди. У кўчада узоқ қолмади, хайрлашув маросими ортиқча такаллуфсиз, тез тугади. Шийпонга қайтиб, аввал отаси билан, сўнг Холидий билан сўрашди. «Узр, куттириб қўйдим» каби лутф унга бегона эди. У отасининг ёнига ўтириб, яйраб керишиб, эснади.
— Чарчабсан, болам, — деди Омил.
— Буёқни танимай турибман, — деди Ҳосилбойвачча, отасининг меҳрибончилигига эътибор бермай.
— Бу киши Холидий домла, уйни шу одамдан олганмиз-да, эсингдан чиқдими?
— Кунда мингта одам билан муомала қилгандан кейин бунақа гаплар эсда қоладими?
— Домла ўшанда бизга роса ҳиммат қилганлар. Бир ишлари тушибди. Йўқ демай, қилиб бер. — Омил шундай деб ўрнидан турди. — Гапларини менсиз айтаверадилар. Мен кетдим.
— Шомилга учранг, болалар олиб бориб қўйишади,— Ҳосилбойвачча шундай дегач, Холидийга юзланди. — Бугун шоирлар билан учрашадиган кун экан. Ҳали биттаси келувди.
— Мен шоир эмасан, — деди Холидий.
— Адам «домла» дедилару, барибир эмасми? — Ҳосилбойвачча шундай деб оғзини баралла очганича эснади-да, сўнг пастак курси устида ётган китобчани қўлга олди. Холидий китобни кўрган, «булар ҳам ўқишар экан, дуруст», деб қўйган эди. Ҳосилбойвачча китобни унга узатди. — Ёзганини ўқинг.

Холидий дастхатни ўқиди: «Ўзбекнинг улуғ фарзанди Ҳосилжон акамизга жоним тасаддуқ».
— Ўқидингизми? — деди Ҳосилбойвачча. — Гапини қаранг. Кўчада бизни ўғри, деб сўкади. Иши тушса жони тасаддуқ бўлиб қолади. Вей шоир бола, мен ўғриман, шундай деб ёзгани уялмадингми, дедим. Мен бу китобини бошимга ураманми! — у шундай деб китобни улоқтирди. — Мошинасини ўғирлаб кетишибди. Шунга минғирлаб келибди. Ҳойнаҳой, сизнинг мошинангизни ҳам шимо қилишгандир. Бизга ҳиммат қилган бўлсангиз ҳам айтиб қўяй: мен унақа майда ишлар билан шуғулланмайман.
— Машинамни ўғирлашганда кимга боришни билардим, — деди Холидий. Бу билан «сизларнинг даврангиз менга маълум» деб шама қилди. Сўнг гапни узоқроқдан бошлаб, муддаосини баён этди. Ҳосилбойваччага унинг гаплари аввалига эриш туюлди, эснади, керишди. Асадбек номи тилга олингач, бир оз сергакланди. Ана шунда Холидий бу ерга келиб янглишмаганига ишонди.

Холидий гапини тугатгач, Ҳосилбойвачча бир оз ўйланди-да:
— Шаҳарда бошқа жиннихона ҳам бор, — деди. Сўнг қўшиб қўйди: — Ё бутунлай қораси ўчсинми?
— Йўқ, йўқ, — деди Холидий. — Унинг борадиган ери — жиннихона.
— Чиқимидан қочмасангиз бўлди. Эртага Шомил сизга учрайди. Ишни биргаликда пишитиб оласизлар.

Хуноб бўлиб кутганига яраша масала кўнглидагидай ҳал бўлиб, қувонди.

Ҳозир ўзига таниш саҳифаларни варақлай туриб Анварга хаёлан гапирди: «Сенинг масаланг кеча ҳал бўлган, бола. Бир қумурсқани супуриб ташлай олмаган Холидий бу дунёда ортиқ яшамаса ҳам бўлади. Сен чиранма, бола. Агар сени янчмай туриб ўлиб қолсам, атрофимда йиғлаб қолувчилар барибир сени янчишади. Мен-ку, сени ёш, деб аябман. Улар — ўзингнинг дўстларинг, улар аяшмайди. Мен эккан дарахтлар мева беради. У ҳеч қачон қуримайди. Сен мен эккан дарахтлар соясида қурийсан. Офтоб кўрмай, сув ичолмай қурийсан. Сен тутантириқдан бошқа нарсага ярамайсан...»

Холидий хаёлидан шу гапларни ўтказиб, Анварга қаради:
— Во дариғ! Во дариғ! — деди у саҳифаларни шапатилаб. — Золим фалакнинг беаёвлигини қаранг. Ким шундай бўлади, деб ўйлабди-я! Имонли, инсофли, диёнатли деб юрган дўстимизнинг этагига ахлат илашган экан-у, а? Иноятуллодай одамнинг юзига оёқ қўйган экан, а? Бирга юриб биз ҳам билмаган эканмиз. Мана, ҳужжатнинг кучи қаерда! Ҳамма нарса бирдан ойдинлашди!

Анвар бу гапларни эшитиб, Холидийнинг навбатдаги найранги бошланди, деб ўйлади. Иноятулло номини эшитгач, анча сергакланди. «Ҳужжатлар домла Иноятуллонинг «иши» эканми? Унинг юзига ким оёқ қўйган?»

Аҳли илм бу одамни ўлимидан сўнг ҳам «домла Иноятулло» деб ҳурмат қиларди. Асли туркман бўлган бу олим ўттизинчи йилларда, йигит чоғида келиб қолган, дастлабки қама-қама шамоли адолат истаб келган бу йигитни ҳам четлаб ўтмаган эди. Ўшанда бир йилдан сўнг афв этилиб, яна илмга қайтганди. Зуннуний мероси бўйича Анварнинг бобоси билан матбуотда анча тортишгани сабабли унинг қамалишига шу баҳсни асос қилиб кўрсатувчи гаплар ҳам мавжуд эди. Холидийнинг хитобларини эшитиб, Анвар ўша гумонни эслади. «Буванг ким бўлган, билиб қўй, жирилламай юрсанг ҳам бўлади» деган мақсадда атайин келган шекилли?» деб ўйлаб, баданига муз югурди.
— Иноятуллони билар эдим. Бизга дарс берарди. Папиросни тутатиб олиб, ўйчан ҳолда туриб гапирарди. Мен бунақа ўткир тарихчини кўрмаганман. Бунақаси бошқа туғилмайди. Зуннуний мероси масаласида кўпчилик уни қоралади. Бир йил ўтириб чиқиши балки шундандир, Худо билади. Урушга бориб келганидан кейин яна қамаб, йўқ қилиб юборишларига тушунолмай юрган эдим. Тўрт йил урушда унга неча минг ўқ отишган экан, қаранг, мулла Анварбек, шу мингларча ўқдан биттаси ҳам тегмабди. Лекин бир-икки бўҳтон ўқи тегибди. Шахтада кўмир қазиб юрганида фалокатдан ўлибди. Ўлимидан сўнг уч ҳафта ўтиб номи афви умумийга ёзилиб турса... Бўҳтон ўқлари ёмон экан... Бу ўқларни ким отганини биларсиз? Билмайсизми? Менинг азиз дўстим Ҳикмат Ўролов. Ювошгина, мўмингина, беозоргина... Ҳамма уни яхши кўради. Иноятулло ҳам яхши кўрган. Аммо бир гап айтиб кетган экан. «Ҳикмат — балиқ, қўлда ушлаб туриш мумкин эмас». Зўр гап, а?

Анвар энди Холидийнинг муддаосини тушунгандай бўлди. Илмда ўзгариш кутилаётган дамда Холидийнинг кўп йиллик фаолияти пуч эканини айтиб, унга зарба бера олувчи ягона олим — Ҳикмат Ўролов эди. Тўғри, у табиатан анча эҳтиёткор эди, аммо айтиш мумкин бўлмаган гапларни унингдек усталик билан айта олувчи ҳам йўқ эди. Илмда ҳалоллик ва адолат бўлишини истаган ёшлар уни устоз сифатида қадрлар эдилар. Холидий яқинлашиб келаётган қора булутни сезган. Қичишадиган ерини аввалроқ қашиб қўядиган бу одамнинг Ҳикмат Ўроловни янчиш режасида эканини Анвар шу сўзларни эшитиб англади. Нафрати жўшиб, жони ҳиқилдоғига келгандай бўлиб, ўрнидан турди.
— Ҳа, мулла Анварбек, эшитмайдиларми? — деди Холидий, лабини ялаб.
— Ишимни тугатдим. Бир ерда зарур учрашувим бор эди, — деди Анвар.
— Ҳа, боринг. Зарур учрашувдан қолмаслик керак... Дарвоқе... мулла Анварбек, эшитганларингиз ўзаро гап-а?

Анвар «маъқул» ишорасини қилиб бош ирғади-да, хонадан чиқди.

«Ўзаро гап учун шу ерга овора бўлиб келиб ўтирарканми бу одам»деб ўйлади у.

3

Анвар фаввора ёнидан ўтаётиб, беихтиёр тўхтади. Ҳовуз юзаси анча кирланган, Худо фаросатдан қисган одамлар ташлаган сигарет қутилари, қоғоз парчалари, яна алланима балолар сув юзасида қалқиб турибди. Кирланган ҳовузнинг нақ ўртасида шиддат билан кўкка қараб отилаётган сув Анварнинг диққатини тортди. Бу фаввора ёнидан кўп марта ўтган, ҳовуз сатҳининг ифлослигини, сувнинг шиддат билан отилишини кўп кўрган, аммо бу манзара хаёлини бугунгидай тортмаган эди. Ўриндиқларга ҳали дарахтларнинг соялари етиб келмагани туфайли, бўш эди. Анвар офтобга орқасини қилиб фавворага тикилиб ўтирди. Унинг назарида отилаётган сув қувурлар орқали куч билан пуркалмай, балки тоза сув ифлосланган ҳовуздан қочишга ҳаракат қилаётгандай эди. Тоза сув бир зумгина бўлсин бу ифлослик бағридан юлқиниб чиқади, бир зумгина бўлсин қуёш нурларида роҳатланади, аммо... начораки, бутунлай узилиб кета олмайди, яна шу ҳовузга қайтади. Сўнг... яна интилади, сўнг... яна қайтади... Бу орада кимдир музқаймоқни еб, қоғозни ғижимлаб шу ҳовузга ташлайди, кимдир сигаретини ўт олдириб гугурт чўпини чертади, кимдир тупуради... Яхшики, атроф гавжум, бўлмаса бошқа бемаъниликларни қилишдан ҳам тоймайдиганлар топилар. Балки қоронғида одам сийраклашгач, ундай иш ҳам бўлар...

Шу фикр хаёлига келиши билан кўз олдида Холидий гавдаланди. Назарида ўша бемаъни иш фақат шу Холидийнинг ёки шерикларининг қўлидан келадигандай туюлиб ижирғанди. Ҳовузга тупуриб ўтган одамни кўрганида Ҳикмат Ўроловнинг «устоз» ҳақидаги гапини эслади.

... Бир одам ҳар куни беш маҳал уйдан атайин чиқиб, маҳалла ҳовузига тупурар экан. Маҳалла аҳли яхши гапирибди — бўлмабди, пўписа қилибди — фойда бермабди. Охири маслаҳат қилиб, пул тўплашибди-да, «зора Худо инсоф берса», деб уни Маккаи мукаррамага юборишибди. У одамнинг Маккага бориб биринчи қилган иши — Замзам булоғига тупурибди...

Ҳикмат Ўролов бир куни шу ривоятни айта туриб «Устозинг шунақа хилидан», деб қўйган эди.

Анвар хаёлини чалғитиш учун атрофга аланглади. Бу ҳам Ҳикмат Ўроловнинг ўгити. Анварнинг арзимаган нарсадан ҳам асабийлашиб юришини билиб, «асабингиз бузилган дамда атрофга алангланг, хаёлингизни чалғитинг», деган эди. Анвар бир неча марта бу ўгитга амал қилмоқчи бўлди, аммо эплай олмади. Ҳозир ҳам шундай бўлди. Кўзи ўнг томондаги бинога тушиб, беихтиёр ўйлади: «Қачондир шу бино ертўласида маҳбуслар сақланган экан. Улар қандай қийноқларни кўрганлар — билмаймиз. Қанчалари қийноқларга чидолмай неча-неча ҳужжатларга имзо чекиб беришган экан? Биз ҳозир уларни айблаймиз, муҳокама қиламиз. Олдинлари одамлар бу бинога қўрқув билан қараганлар. Энди атрофида бемалол сайр қилиб юришибди. Шу бинонинг рўпарасидаги майдончада мазза қилиб музқаймоқ ялашади. Қизиқ... ҳозир ҳам ертўлада маҳбуслар бормикин? Пахта иши билан қўлга олинганлар балки шу ердадир? Балки уларни ҳам қийнашаётгандир? Балки кимдир қийноққа чидолмай кимнидир сотаётгандир. Айни шу дамда сотаётгандир... Орадан яна эллик йил ўтгач, яна кимдир ҳужжатларни титиб, уларнинг қилмишини муҳокама этар, айблар. Ҳозир эса... имзолар чекиляпти, шу имзоларга қараб ҳукмлар ўқиляпти... Эллик йил аввал Фалонов билан Пистончиян бу бинода гердайиб иш юритишган. Ажабки, ҳозир Пистонов билан Фалончиян шундай. Бу нима? Тақдир ҳазилими ё қонуними? Яна эллик йил кейин бу бинода ким гердайиб юради?..»

Анвар бу бинодан кўзини олиб, фавворага тикилди. «Нариги бинода «устоз» ўтирибди. Нималарни хаёл қилиб, қайси тирноқ остидаги қандай кирларни излаяпти экан? Ҳикмат домлага бориб айтайинми? Нима дейман? «Сизга қарши бир иш қилмоқчи» дейманми? Буни эшитиб, домла одатича кулиб қўяр. «Устозингизнинг касби шу», дейиш билан чекланар. Ичини ит таталаса ҳам сездирмас. Мен гап ташувчи бир нодон бола каби изимга қайтарман...»

Анвар ҳужжатхонадан чиқаётганидаёқ Ҳикмат Ўроловникига боришни мўлжал қилган эди. Бир оз юриб, ўйлангач, Холидийнинг мақсадини аниқ билмай туриб боришни маъқул кўрмади. Фавворага яна бир муддат тикилиб ўтиргач, офтобда қизиб, ўрнидан турди-да, уйга қараб кетди. Маҳаллага етганида «Элчиннинг хотини чиққандир, хабар олай, яна оқибатинг йўқ, деб минғирлаб юрмасин», деб ўнгдаги тор кўчага бурилди.

Дарвоза эшиги очиқ бўлгани учун қўнғироқни чалмай, ичкарига кирди-да «Элчин!» деб чақирди. Элчин дарахт соясига буклама каравотни қўйиб, ухлаб ётган эди. Анварнинг овозини эшитиб, эринибгина бошини кўтарди.
— Сен ҳам ўрис генералларига ўхшаб жонингнинг ҳузурини биласан, — деди Анвар каравот қиррасига ўтириб. — Арман радиосидан «кундузи ким ухлаши мумкин?» деб сўрашганда «Бойнинг куёви» деб жавоб берган экан.

Элчин унинг ҳазилига жилмайиб ҳам қўймади. Аслида Анвар ҳам ҳазиллашадиган кайфиятда эмасди. «Ошнамнинг дарди меникидан оғирроқ», деган фикрда ўзича Элчиннинг кўнглини кўтармоқчи эди.
— Ҳа, — деди Анвар унинг тумтайиб ётганини кўриб, — қани, бир ўнг томонинг билан тур-чи. Сени одам деб кўргани келдим.
— Келганинг яхши бўлди, уйингга бормоқчи эдим,— деди Элчин ётган ерида.
— Нечук? Биз ғарибларни...
— Бачканалашма. Масала жиддий, — деди Элчин қаддини кўтариб. — Сен анави гапни бировга айтибмидинг?
— Қайси гапни?
— Асадбекнинг гумонини.
— Уними? — Анвар чучмалроқ тарзда жавоб бермоқчи эди, аммо гапни айлантириб, алдагиси келмади. — Айтувдим... бир таниш прокурорга...
— Унингни аралаштирма, девдим-ку?
— Аралаштирганим йўқ. Шу масаладан огоҳ бўлиб туринг, Асадбек туҳмат қилиб қолса, лаққа тушманг, дедим. Биров суриштирдими?
— Прокуратурага чақиртиришди.
— Ким?
— Шарипов дегани.
— Зоҳидми? Нима деди?
— «Қайнотангиз нима учун сиздан гумонсиради?» деб сўради.
— Нима дединг?
— Нима сабабдан гумонсираганини билмайман. Билиб қолсам, Анвар деган лақма ошнам бор, ўшанга айтаман, сизга оқизмай-томизмай етказади. Кейинги пайтда шунақароқ бўлиб қолган, дедим.

Бу гапдан Анвар ранжиди. «Шуни одам деб йўқлаб келдимми?» деб афсусланди. Ҳозир унинг пичингига жавоб қайтарса гап талашиб қолишлари мумкинлигини билиб, индамади. Бошини хам қилиб ўтирди. Элчин бу ҳолатни пушаймонликдан деб тушуниб, жаҳл отидан тушди. Бир нафаслик сукут кераксиз гаплар сели йўлига тўғон бўлди.
— Зайнаб чиқмадими? — деб сўради Анвар бошини кўтармай.
— Уч-тўрт кундан кейин, дейишяпти.
— Тезроқ чиқса сен ҳам тинчирдинг, уйинг ҳам ҳувилламас эди. Хотиним онасиникига кетса, уй мени ютворай дейди. Бир кунга зўрға чидайман. Тағин ҳам сен темирдан экансан.
— Сен ҳам тинчирдинг, дейсанми?.. Қайдам... Мен гўрда ҳам тинчимасам керак. Жиннихонадалигингда дунёнинг формуласини топганингни айтув-динг, эсингдами?
— У эсдан чиқадиган формула эмас.
— Мен ҳам бекорчиликда ёти-иб, бошқачароқ формула кашф этдим, — Элчин шундай деб кўкрак чўнтагидан шапалоқдай газета парчасини олиб узатди.

Анвар газета ҳошиясидаги Элчин «формула» деб атаган ёзувни ўқиди:
— «Дунё = қаллоблик + фирибгарлик + муттаҳамлик + ҳасад + иғво + порахўрлик + зўрлик + каззоблик + фаҳш = (ўлим)». Формулангга унча тушунмадим?

Элчин газета парчасини унинг қўлидан олиб, икки буклади-да, яна чўнтагига солди.
— Тушуниш учун ўқиш керак. Бунинг мактабида мен ўқиб келганман.
— Шунақа доно бўлиб кетдингми? — деди Анвар кесатиб.
— Энди билдингми? Ўн йил академияда ўқидим. Сен битта қаллоб билан олишиб минғирлаб юрибсан. Мен кўрган қаллоблар олдида сеники фариштанинг ўзи-ку?
— Ол-а! Сен шу фаришта билан ўн йил эмас, ўн кунгина бирга бўлсанг билардинг.
— Мен билган нарсаларни билишинг учун сен яна юз йил яшашинг керак. Мен кашф этган формула — ҳақиқат! Бунинг чораси эса ёлғиз ўлим. Қаллобни ўлдирасан — фирибгар сенга рўпара бўлади. Фирибгарни ўлдирсанг, фаҳшга дуч келасан. Буларни ўлдириб қутулдим, деб турганингда қаллобнинг фарзанди улғайиб турибди-да. Қаёққа қочасан? Бирдан-бир паноҳинг — ўлим!
— Сен менга тақлид қиляпсанми?
— Сенга аҳмоқ одам тақлид қилади.
— Унда ўлимни истаб қолдингми?
— Ўлгим ҳам йўқ... Хоҳлаймизми, хоҳламаймизми қачондир ўламиз. Унгача муттаҳамларнинг оёқлари остида хор бўлиб яшаш алам қилади. Дунёни осонликча уларга ташлаб кетиш ундан ҳам ёмонроқ.
— Кўнглим хижил бўлиб турувди, юракни баттар сиқдинг.
— Ана шунақа, ҳақиқат чатоқ нарса. Ҳатто адолатпарвар олимларнинг ҳам юрагини сиқиб юборади.
— Бас қил, бўлмаса ҳозир ёрилиб кетаман, — деди Анвар овозини бир оз баландлатиб. — Мен бу ерга бир иш билан келдим. Қайнотангга учрашишим керак.
— Нечук, қайнотамга ишинг тушиб қолибди? Бунақа одамлардан ҳазар қилар эдинг-ку? Формуламнинг яна бир исботи бу: дунё шунақаки, ҳазар қилган одамларинг қаршисида тиз чўкасан.
— Формулангни қўя тур. Қайнотанг битказиб берадиган ишим битмай қўя қолсин. Бир марта жиннихонадан чиқариб бергани бутун умримга татийди. Эсингдан чиқдими, отаси масаласида илтимос қилувди. Архивни кавлаштирдим, энди натижасини айтишим керак.
— Ўзи нимаю отаси нима бўларди?

Бу гапни эшитиб, Анвар кулимсираб, қўлини унинг елкасига қўйди:
— Ў, куёв бола, сал пастроқ тушинг. Эртага «Элчинбой фалончининг невара куёви» дейишса керилиб юрарсиз. Катта қайнотангизга аталган имтиёзлардан фойдаланиб машиналар, уйлар оларсиз...
— Аравани қуруқ олиб қочиш бўйича жаҳон чемпионати бўлар экан, бормайсанми? — деди Элчин, энсаси қотиб.
— Ҳазиллашаётганим йўқ. Жиддий айтяпман. Зўр одам экан. Эшит...

Анвар ҳужжатларда ўқиганларини бир бошдан баён этди. Элчин унинг гапларини бўлмай эшитди. Ўрнидан туриб, сигарет тутатди.
— Хўш, энди нима дейсан? — деди Анвар ғолиб одамнинг овозида.

Элчин дарров жавоб бермади. Бир оз ўйланиб тургач, буклама каравотнинг қиррасига ўтирди.
— Нима дердим, кесакдан олов чиқибдими? Бунақа қаҳрамонлар сон мингта. Сезиб турибман, сен ҳужжатларни ўрганиб, ўзингча бир нарсани кашф этгансан. Ҳозир шуни пеш қилиб, мен билан баҳслашасан.
— Сезгингдан ўргулдим, сенинг. Қани, айт, нимани сездинг? — Анвар шундай деб қоғозларини тартибга келтирди.
— Сезганим шуки, отаси қамалмаса, Асадбек бунақа бўлмас эди, яхши одам бўларди, демоқчисан.
— Тўғри.
— Унда айт: бошқа минг-минг қамалганларнинг болалари-чи? Улар ҳам Асадбекка ўхшашадими?
— Ҳамманинг шароити бир хилми? Мен қайнотангнинг ёнини олмоқчи эмасман. Аммо жамиятнинг, муҳитнинг айбини ҳам четлаб ўтиб бўлмайди. Дунёда ҳамма нарса бир-бирига боғлиқ. Қизиқ нарса, эшитгин-а: уруш бўлмасайди, Асадбекнинг отаси жангга бормас эди. Асирга тушмасайди, Югославия партизанлари сафида юрмас эди, шундай экан, демак, қамалмас ҳам эди, қамалмагач, боласини яхши тарбия қилар эди. Асадбек яхши одам бўлса, демак, Ноила ўлдирилмасди, сен қамалмасдинг, Жамшид тирик қоларди. Ва ниҳоят...
— Ва ниҳоят, — деди Элчин, дўстининг сўзини бўлиб, — сен архивда ҳужжат титиб келиб, менинг бошимни қотирмасдинг.
— Майнавозчилик қилмай тур. Яна бир нарса...
— Яна бир нарса шуки, — деди Элчин гапни бўлиб, — аданг ойингга уйланмаганларида сен туғилмас эдинг, мен ҳам мағзава гаплардан қутулар эдим.
— Ҳали гапимиз мағзава бўлдими? — деди Анвар ранжиб.
— Мағзава бўлмай нима? Унақа бўлмасайди, бунақа бўлмасайди... Бу Асадбек бўлмаса, бошқаси чиқарди. Униси бўлмаса буниси ўлдирарди. Жамшид Асадбекка хизмат қилмаса, ана, Ҳосилбойваччага, ҳатто Манасянга хизмат қилаверарди. Пешонага ёзилганидан кейин кимга хизмат қилса ҳам барибир шунақа ўлим топарди. Юзта-юзта қиламизми, отасанми?
— Йўқ, менга қайнотангни топиб бер.

Элчин ичкари кириб, телефон қилиб чиқди:
— Шу ерда ўтириб тур. Ҳозир келиб, иззатингни жойига қўйиб олиб кетишади.

4

Элчин қўнғироқ қилганида Асадбек уйида хотини билан гаплашиб ўтирган эди. Бугун эрталабдан эти увишиб, юраги сиқилиб тургани учун кўчага ҳам чиқмади. Аъёнлари келишган эди, уларга ҳам жавоб бериб юборди. Ёлғиз қолишни истади. Хотинига аччиқ мастава буюрди. Овқат пишгач, иштаҳаси бўғилди, бир-икки қошиқ ичган бўлиб, косани сурди. Кейинги пайтда елкасидан бир нима босиб, суяклари зирқирайдиган, нафаси қайтиб, юраги сиқиладиган бўлиб қолган эди. Шунақа пайтда одам зотини кўргиси келмай қоларди. Бу ҳол бир-икки қайтарилгач, хотинига айтди.
— Вой адаси, дарров ўқитиб ташлаш керак, — деди Манзура.

Асадбек бунақа нарсаларга ишонмас эди, қўл силтаб қўя қолди. Лекин Манзура айтганини қилди: эрининг кўйлаги, рўмолчаси, қант, чой, майиз олиб бориб домлага дам солдириб келди. Шу амалнинг таъсирими ё бошқа сабабми, кейинги бир ой анча енгил эди, нечундир бугун эрталабдан оғир бўлиб турди.
— Адаси, дони қолса ҳам, сувини ичинг, — деди Манзура, ялиниш оҳангида.

Асадбек хотинининг кўнгли учун яна бир қошиқ ичди-да:
— Зўрлама, — деди. — Кўнглим ғаш. Иштаҳам йўқ.

Манзура косани олиб хонтахта четига қўйди-да, бошини эгиб индамай ўтирди.

Эрталабдан бери Асадбекнинг назарида уй ҳувиллаб, эгасиз бўлиб қолгандай туюлаётган эди. Ҳозир хотинининг мунғайиб ўтиришига қараб фақат уй эмас, вужуди ҳам эгасиз эканини, руҳи ҳам ҳувиллаб қолганини ҳис қилди. Ажаб... ахир кеча ҳам, бир ой олдин, ярим йил олдин ҳам аҳвол шу эди. Кунлик ишлар, ташвишлар қуёш ботиши билан чекингач, эр-хотин ёлғиз қолишарди. Аммо нечундир Асадбек ёлғизликнинг тирноқлари темирдан эканини, забтига олганда бу қадар аёвсиз бўлишини сезмаган эди.

«Тағин ҳам Манзурага қойил қолишим керак. Зайнаб узатилганидан бери уйда бир ўзи... Кун бўйи қайтишимни кутади. Аввалгидай жойнамоз устида ўтириб, қўрқиб кутмаса ҳам, хавотирланади. Мен ҳақимдаги миш-мишларни эшитади. Эшитади-ю... бу лақма шу гапларнинг кўпига ишонади-я?.. Ҳе, ношуд... Кечқурун эса мен келаман... жаҳлим чиқса кўпиртириб сўкиб қоламан. Шунда ҳам чидайди...».

Асадбек хаёлидан шу гапларни ўтказиб, ажабланди. «Менга нима бўляпти? Бунақа гапларни ўйламасдим. Қизиқ...».

Ўзи гапирмаса хотинидан садо чиқмаслиги Асадбекка аён. Шу сабабли нимадир деб, у ўлакса сукунатни ҳайдаши лозим эди. Бугун бош табиб Зайнабнинг аҳволини баён этган бўлса-да, хотинидан сўради:
— Қизинг бугун-эрта чиқиб қоладими?

Манзура эрига қаради, кейин гуноҳкор одамдай кўзини олиб қочди:
— Эртага чиқарамиз, дейишувди, бугун яна мазаси қочибди. Ўзим ҳам қўрқиб кетдим.
— Нима бўлди?
— Аъзои баданида бирдан титроқ туриб ўзини билмай қолди. Ҳартугул, уколдан кейин тинчиб, ухлади.
— Касалхонадан чиқа қолгани маъқул. Касалларни кўравериб, дарди баттар ошади. Уйига қайтса, енгиллашади. Дўхтирлар келиб, қараб туришади.
— Уйга келгани маъқулку-я... — Манзура шундай деб, ҳадиксираганича эрига бир қараб олди.
— Гапингни ямлама, — деди Асадбек, нохуш бир янгилик айтилажагини сезиб.
— Энди... қандай яшаб кетаркин, дейман-да...
— Бу нима деганинг? Олдин қандай яшаган бўлса, бундан кейин ҳам ўшандай яшайверади.
— Эрига ғалати гапларни айтворди-да...
— Қачон?
— Осган куни... Куёвингиз келувди-ку?..
— Нима деди?

Манзура эшитганларини бир оз юмшатиб айтишга ҳаракат қилди. То сўнгги сўз тилидан учгунга қадар азобланди. Юраги тузоқдаги қуш каби потирлади. Агар уни биров бўғса ёинки бўғизласа, бунчалик азобланмаган бўлармиди... Бунақа аҳволда аёл кишининг суянадиган тоғи — йиғи бўлади. Аммо Манзура йиғлашга эридан қўрқди. Гапира туриб дам-бадам эрига хавотир билан мўлтиллаб қараб қўйди. Гапириб бўлгач, қочиб чиқиб кетгиси келди. Наиложки, бундай қилолмади. Энди эрининг сўзини, ҳукмини тинглашга мажбур эди. Ҳукм Манзура кутмаган ҳолда, биргина сўздан иборат бўлди:
— Аҳмоқ!

Эрининг овозида титроқ сезиб, Манзура чўчиди — бу яхшилик аломати эмас...
— Жон аччиғида айтди-да, — деди қизини оқлашга ҳаракат қилиб. — Ҳамма гапи ёлғон, аламидан айтиб юборди.
— Сен аҳмоқсан! — деди Асадбек овозини кўтариб. — Шу гапни айтгунича индамай турдингми? Уриб, оғзини ёриб юбормадингми?
— Вой, адаси...

Манзуранинг гапи чала қолди. Асадбек шу пайтгача қилмаган ишини қилди — чойи совиб улгурмаган пиёлани олиб, хотинига қараб отди. Жаҳолат билан пиёлани қўлга олганида қандайдир ғойибона бир овоз «бундай қилма!» дегандай бўлди. Аммо пиёлани отиш учун қўлга олган, демак, отмоғи лозим эди. Айни чоғда, ғойибона овоз ҳукмидан ҳам қутула олмади — мўлжални атай бузди. Пиёла Манзурани ёнлаб ўтди-да, дераза токчасига тегиб, синди. Манзура қўрқувдан сапчиб, ўрнидан турди.
— Ўтир! — деб бақирди Асадбек.

Манзура эндиги бўладиган ҳукмни, ёки ҳаракатни кутиб, титроқ бармоқларини дастурхон попуги ортига яшириб ўтирди.
— Қизинг тўғри эриникига боради. Гапни чувалайдиган бўлса ўзим осаман уни!

Манзура эрига қаради. Қўрқувдан жавдираётган кўзларида «Кимни, куёвингизними ё қизингизними?» деган савол муҳрланган эди. Асадбек бу саволни уқди:
— Қизингга тайинла, қадамини билиб боссин. У кўчадаги бир қаланғи-қасанғининг эмас, Асабдекнинг қизи! Мен қизимнинг бахтли бўлиши учун ҳеч нарсадан қайтмайман.

Асадбек ўша воқеадан сўнг, вақти келса номус ҳақида гапириб қўяман, деб ўйлаган эди. Ҳозир айтишни ҳам мўлжал қилди. Лекин хотинининг аҳволига қараб, бугунга шуниси ҳам етарли, деган тўхтамга келди.

Худди шу пайтда Элчин телефон қилди. Қўнғироқ овозини эшитиб, Манзура ўрнидан қўзғалмоқчи эди, Асадбек: «Ўтиравер, болалар олишади», деди. Манзура гап тамом бўлди шекилли, деб дастурхон устини йиғиштира бошлади. Бу орада болохонадаги йигитлардан бири деразани аста чертиб, овоз берди:
— Бек ака, Ҳофиз акам сўраяптилар.

Бу хабарни эшитган Манзура эрига савол назари билан боқиб, жойида қотди. Асадбек ўрнидан туриб «ишингни қилавер», деди-да, уй бурчагидаги юмалоқ стол томон юрди. Садаф рангли телефон гўшагини қулоғига тутди-да:
— Ҳа, Ҳофиз, тинчликми? — деди.

Элчин мақсадни баён қилгунича унинг гапини бўлмади. Сўнг:
— Ўша ерда ўтира турсин. Ҳозир машина юбораман, — деб гапни калта қилди.

Манзура ҳануз эрига савол назари билан қараб турарди.
— Ишингни қилавер, дедим-ку! Сенга тааллуқли гап эмас, — деди Асадбек зарда билан. Кейин хотинининг мўлтиллаган кўзларига кўзи тушиб, унга раҳми келди. Пича юмшоқроқ оҳангда унга далда бермоқчи бўлди: — Зайнабдан кўнглинг хотиржам бўлсин. Куёвинг битта гапга ишониб кетадиган аҳмоқ эмас. Ишонганида шу пайтгача бир нарса дерди.

Телефон хабарини етказган йигит айвондан узоқлашмай, Бек акасининг амрини кутиб турган эди. Асадбек ташқарига чиқди-да: «Маҳмуд акангни топ», деб буюрди.

Жамшид йўқ бўлганидан бери айрим дастёрлик ишлари ҳам Чувриндининг зиммасида эди. Бир неча дақиқадан сўнг йигит «телефонда Маҳмуд акасининг кутаётганини» маълум қилди.
— Маҳмуд, дам олаётувдингми? — деб сўради Асадбек.
— Хизмат бўлса айтаверинг, — деди Чувринди.
— Ҳофизникига ўтсанг, ошнаси ўтирибди. Шу йигитни тез олиб кел. Ҳа, ҳали сўраш эсимдан чиқибди: машина масаласи нима бўлди?
— Оқидан йўқ эмиш. Нол тўққизнинг оқидан бор. Одамлар ҳозир шунга ишқибоз.
— Одамлар ишқибоз бўлса олаверсин. Менга ёқмайди, ўриснинг тобутига ўхшайди. Узоғи билан икки кун ичида бўлсин. Зайнаб шунга қараб, ё эрта, ё индин чиқади. Эрининг ўзи ўша машинада олиб чиқиши керак.
— Яхши. Калитни ўзингиз берасизми?
— Шунга ҳам дабдабами? Машинани олиб бор. Калитни бер. Гапни калта қил. Олифтагарчилик қилиб минғирласа эътибор берма. Ҳа, яна бир гап: йигитларингдан бирига тайинла — яхшилаб бозор қилиб, олим боланинг уйига ташлаб қўйсин. «Анжондан келувдик, бир суҳбатларини олмоқчи эдик, яна келамиз»ми дегандек гап қилсин, — Асадбек шундай деб гўшакни жойига илди.

«Олим боланинг хабарини эшитишимни сезганимдан юрагим сиқилган бўлса керак», деб ўйлаб, Анварнинг келишини кута бошлади.

XIII боб

1

Шариф Намозовнинг қамоқдан чиқарилиши ҳақидаги хабарни олиб кирганидан бери бу одамни Зоҳид ёқтирмай қолган эди. Кейинроқ билса, прокурор ёрдамчиси билан яқин алоқада бўлган бу терговчини бошқалар ҳам унча хушлашмас экан. «Ўзи чақа олмайди, аммо одамни сескантиради, бу — сувилон», деб аташаркан уни. Унинг қўлида тайинли иш ҳам йўқ. Ҳали у хонага, ҳали бу хонага кириб лақиллашдан бошқа нарсани билмайди. Унинг одати шуми, ё гап ўғирлаб юрадими — Зоҳид аниқ айтолмайди. Унга маълум бўлгани — «Сувилон» кириши билан тилга қулф урмоқ зарур. Қўшнингни ўғри тутма, аммо ўзингдан эҳтиёт бўл, деб бежиз айтишмаган-да.

«Сувилон»нинг суҳбатидан баҳраманд бўлиш бахти бугун Зоҳидга насиб этган экан.

Зоҳид эксгуматсия хулосаларини ўқиб ўтирганда у кириб келди.
— Ў, ёш ҳамкасбим, ишдаги ютуқлар қалай, яхшими? — деб кўришди.

Ўзидан икки-уч ёшгина катта бу «ёшулли ҳамкасб»нинг лутфи Зоҳиднинг ғашини келтирди. «Бошимни қотирмай тезроқ чиқиб кетармикин», деган ўйда рўйхуш бермай кўришиб:
— Юрибмиз, тупроқдан ташқарида, — деб қўйди.
— Қойилман, чиройли гап айтдингиз, — деди «Сувилон» кулиб. — Бизнинг соҳамизда тупроқдан ташқарида юришнинг ўзи катта бойлик! Ишдан гапиринг, ишлар қалай?
— Бўляпти.
— Тезроқ бўлдиришга ҳаракат қилаверинг. Лекин сизга ҳам ҳавасим келади, ҳам ачинаман. Ҳавасим келганики, зўр ишларни сизга ишониб топширишди. Эпласангиз, тез кўтарилиб кетасиз. Ачинишимнинг сабаби шуки, ҳали ғўрсиз. Эплай олмасангиз, фишт, — у «келган жойингизга қараб жўнайсиз», деган маънода ҳуштак чалиб қўйди. — Лекин сиз тушкунликка тушманг. Қийналсангиз, мана, биз бор. Тортинманг. Сизга шаҳар «угро»сидаги Солиев ёрдам беряптими? Омадингиз йўқ экан, ланж у одам, ишни резинкадай чўзади. Ўрдакка ўхшаб, тумшуғини балчиққа тиқиб олиб, лой титкилайди.
— Чўзса ҳам пухта ишлайди. Хом ишдан пухтаси дуруст-да.
— Янглишяпсиз. Бизнинг ишимизда энг биринчи галда тезлик туради. Билиб қўйинг, янги бўлган энг каттамиз бошлиғимизни суҳбатга чақириб «суст ишлаяпсизлар» деганмиш. Тушундингизми? Янги раҳбарнинг талаби ҳам янгича бўлади. «Суст ишлаяпсизлар» дебдими, демак, биздан оперативлик талаб қилинади. Ишни чўздингми, тамом, жойни бўшатавер. Мана, сиз: бўйнингизда иккита қотиллик турибди. Иккита ретсидивистни ушлабсиз. Нима қилмоқчисиз?
— Нима қилардим, тергов-да.
— Ғўрсиз, дедим-ку. Омад қўлингизга қўниб турибди-я! Гувоҳ борми, бор. Олдинги қотилликни ҳам уларнинг бўйнига қўйинг-да, ёпинг ишни. Уларнинг борар ери тайин, — у шундай деб бармоғи билан ҳавода сиртмоқ шаклини чизди. — Битта қотилликка ҳам шу, ўнтасига ҳам. Нима сўраса, хўп денг, ваъдани каттароқ қилаверинг. Бўйнига олади. Ишнинг кўзини билиш керак, ука.

Унинг гапларини эшитиб, Зоҳиднинг кўнглида бир шумлик уйғонди.
— Шунақа дейсизу талабини бажариш қийин-да,— деди у, содда одамнинг ниқобига кириб.
— Нима дейди? — деди «Сувилон» сергак тортиб.
— Қотилликни биттаси бўйнига олмоқчи. Шунинг эвазига шеригини, яна икки кишини чет элга ўтказиб юбориши керак экан. Бу менинг қўлимдан келмайди-да.
— Э, сиз ваъдани беравермайсизми?
— Петрашвили дегани пихини ёрган экан. Аввал улар чет элга кетсин, ўша ердан менга хат ёзсин, кейин мен бўйнимга оламан, дейди.
— Оббо занғар-э, қалтис жойидан ушлабди. Мен бир ўйлаб кўрай-чи, йўли топилар, — «Сувилон» шундай деб хонадан чиқишга шайланди.

Зоҳид бу гапни шунчаки қитмирлик учун айтган эди, унинг ўзгаришини кўриб, ажабланди-да, эшикка етган жойида тўхтатди.
— Сизда мабодо Маҳмуд Эҳсоновнинг телефони йўқми?

«Сувилон» тўхтаб, орқасига ўгирилди:
— Маҳмуд Эҳсонов? Ким у? — деб сўради талмовсирагандай бўлиб.
— Иккинчи мурдани унинг уйидан чиқаришган-да. Асадбекка яқин одам, деб эшитдим.
— Уни нима қилмоқчисиз?
— Ҳеч нима қилмайман. Фақат эксгуматсия хулосаси билан таништириб қўяй девдим.

«Сувилон» бу гапни эшитиб, ўйланди-да:
— Бир қарай-чи, бўлса айтаман, — деб хонадан чиқди.

«Агар Эҳсоновнинг телефонини олиб кириб берсанг, ғирт аҳмоқ бўласан», деб ўйлади Зоҳид.

2

— Ҳа, «Сувилон»инг чиндан ҳам аҳмоқ экан, — деди маёр Солиев, Зоҳиднинг гапларини эшитгач.
— Бечора довдираб қолган. Агар бу қилмишини эгалари билиб қолса...
— Билиб қолишса ҳам буни бало урмайди. Бунинг аҳмоқлигини эгалари билишмайди, дейсанми? Ҳар- ҳолда, ақлли одам уларга хизмат қилмас дейман-ов...
— Ҳар қандай идорада ҳеч бўлмаса битта аҳмоқ топилади, демак, улар истаган идораларига ин қўйишлари мумкинми? Гапингизни шундай тушунишим керакми?
— Хоҳласанг шундай тушун, хоҳламасанг ўзинг биласан. Аниқ гап шуки, улар ҳозир истаган идораларига кириб бора оладилар. Лекин бунга битта-иккита аҳмоқни сабаб қилиб кўрсатиш нотўғри. Асадбекка ўхшаган одамлар ўтган тарихда ҳам бўлган. Бунақалар ниҳоятда зийрак, пайт пойлашади. Агар ҳокимият қаттиққўллик кўрсата бошласа, булар ин-инларига кириб кетадилар, қўйдек ювош тортадилар. Шоирларнинг тили билан айтсам, бўрилар қўй пўстинига ўралиб, пайт пойлашади. Бўрининг урғочиси қўчқордан қочса ҳам барибир бўри туғади. Булар қўй пўстаги остида урчиб ётаверишади. Ҳокимиятда бўшанглар пайдо бўлса — тамом, қўй пўстини ечилади. Ҳозир биз шунақа даврнинг чўққисига келдик. Сен менинг «қарилик гаштини суришга» қандай кетганимни биларсан?

Зоҳид бу воқеанинг тафсилотини орқаворотдан эшитган эди, шу боис хижолатдаги одамнинг кулимсираши билан «йўқ», деб қўйди.
— Чет элда ишлаб келган икки одамнинг уйини ўғри урибди. Изига тушдим. Таппа босдим. Ишонасанми, ўн олти-ўн еттидаги болалар. Пулга муҳтож ҳам эмас. Ўғрибошиси катталардан бирининг боласи экан. Ота-онаси дам олишга кетиб, уйида маишат қилиб ётган экан. Шериклари ҳам ўзига ўхшаган такасалтанглар. Айбларини бўйинларига қўйсам ҳам ўзларига сув юқтиришмайди. Безгина бўлиб тураверишди. «Битта телефон қилиб олсам майлими» девди, «қани, нима қиларкин», деб рухсат бердим. Менинг хатоим шу бўлди. Бола отасининг ёрдамчисига қўнғироқ қилди. Биз ўғирланган моллар рўйхатини олгунимизча ёрдамчи етиб келди. Аввал юмшоқ гапирди, кейин пўписа қилди. Икки соатлардан кейин боланинг отаси Ялтадан телефон қилди. Очиқ савдо бўлди. Мен болаларни қўйиб юборадиган, у эса фалон-фалон нарсаларни ундирадиган бўлди. Савдо пишмади. Эрталаб бошлиқ чақириб турибди. Яна яхши гап, яна насиҳат, яна пўписа... Буларнинг тили бирлигини кўриб, ҳайрон қоласан. Хипчин ушлаган жойингдан эмас, эгилган еридан синаркан. Мен хипчиннинг бир учини ушлаб аҳмоқ бўлиб қолавердим. Аввал тўрт хонали уйни бўшат, эр-хотинга бир хонали ҳам бўлаверади, дейишди. Ўғлимнинг оиласи билан чет эл хизматида экани, ҳадемай қайтишига ҳам парво қилишмади. Уйни бўшатдим. Янганг билан ажралиб кетишимга сал қолди. Хуллас, иззат-икромсиз қарилик гаштини суришга кузатишди. Бир ярим йилдан кейин ҳалиги каттанинг ўзи қармоққа илинди. Боласининг иши қайта қўзғалиб, мен яна ишга қайтдим. Мукофот тарзида менга энди беш хоналик уй ҳам беришди. Кўрдингми, аҳволни? Сен адолат тантана қилди, деб ўйлаяпсан, а? Бекор гап! — Солиев шундай деб қўл силтади. — Ҳали каттанинг айбини яна ҳам бўрттириш учун мени эслаб қолишди. Ҳозирги катталар ўзларини адолатли қилиб кўрсатишга уринишяпти. Улар бошқаларга жилмайиб қарашади, бармоқлари эса бўғзимизда. Бўғиб туриб «нега яхши нафас олмайсан», деб бизни айблашади. Ўзлари эса оппоқ. Мана, кечаги раҳбарингни қара: Фарғонадаги фожианинг сабабини қулупнай бозоридан қидириб, катта минбарда лақиллатди. Энди думини тугишар, девдим, яна ҳам каттароқ амални бериб ўтиришибди. Юқоридаки шунақа аҳволми, пастдагиларга ажабланма.
— Пашшангни қўриб ўтиравер, демоқчимисиз?
— Бу энди ҳар кимнинг виждонига ҳавола. Мен кўпни кўрдим. Билганим шуки, тегирмон тоши бир хилда айланмайди. Лекин замон ўзгаргунча чидашга тўғри келади. Ке, қўй, бу гапларни, — Солиев шундай деб тиззасига шапатилади. — Нимага чақирдинг?
— Эксгуматсия натижасини олдим. Дастлабки экспертиза натижаси асосан тасдиқланди. Эксгуматсияга Эҳсоновни чақиртирган эдим, келмади.
— Келади, деб ўйловдингми?
— Келишига ўзим ҳам унча ишонмаган эдим. Келмагани бир жиҳатдан яхши бўлди. Уйига боришга баҳона излаб турувдим.
— Уйида нима қиласан?
— Бир кўрай-чи, қандай яшар экан?
— Иш учун зарур деб ўйлайсанми?
— Йўқ, ўзим шунчаки қизиқяпман.
— Қизиқмаганинг маъқул.
— Нима учун? Ахир мен ниманинг эвазига жонларини хатарга қўйганларини билишим керак-ку?
— Жонларини мол-дунё учун тикканлар, нимасига тушунмайсан?
— Тушунмайман, Мақсуд ака, тушунмайман. Хўп ҳовлисида фаввора бордир, ҳожатхонасининг деворларига чехларнинг гулли, ялтироқ кафеллари ёпиштирилгандир, шипига кийикнинг расми чизилгандир. Шуми? Жон шунинг эвазига тикилган бўлса, арзон кетмайдими? Ахир фавворасиз ҳам, кафелсиз ҳам, кийикнинг расмисиз ҳам яшаса бўлади-ку? Одамлар буларсиз ҳам яшаб юришибди-ку?
— Яшаяпти. Қизиғи шуки, булар ҳам бир пайтлар дабдабасиз яшашган.
— Мен ҳам шуни ўйладим. Мен баъзан ҳамма нарсадан безиб кетаман. Дадамнинг ёнларида кетмон чопиб юрганимни қўмсайман. Ҳозир бориб кетмонни қўлларидан олсам, кечагидан ёмон яшамайман.
— Сенинг яхши ҳунаринг бор экан. Мен бечора нима қилай, бирдан-бир ҳунарим — жиноятчини қувиб юриш.

Зоҳид Солиевнинг гапларида истеҳзо оҳангини сезиб, кераксиз ҳиссиётга берилганини фаҳмлади-да, кулиб қўйди.
— Сиз нима бўлсангиз, мен ҳам шу. Ҳозир биров менга кетмонни ишониб бермас, дейман. Сиз менга бир масалани ечишда кўмаклашинг: «Сувилон» аниқ мақсад билан кирган эди, мен уни бошқа йўлга буриб юбордим шекилли.
— Қани, ўша аниқ мақсадини айт-чи?
— Тушунмадингизми? Ишни ёпишим зарурлигини шипшитиб қўймоқчи бўлди.
— Сен қандай хулосага келдинг?
— Ишни-ку, ёпмайман, аммо йўналишни ўзгартираман. Қотилни эмас, Жамшид Суннатуллаевни қидираман.
— Сабаб?
— Сабаб — Суннатуллаев тирик.
— Буни улар билишадими?
— Билишмаса ишни ёпишга уринишмас эди.
— Хўш, қидирдинг, топдинг ҳам дейлик?
— Калаванинг бир учи ўша йигитнинг қўлига боғланган.
— Биринчи қотиллик-чи?
— Биринчиси ҳам.

Солиев қатъий тарзда айтилган бу фикрни эшитиб, стол устини ноғора қилиб чертиб, ўйга толди.
— Чигал, ниҳоятда чигал иш, — деди оғир тин олиб.
— Иккинчи савол худди шундан келиб чиқади. Нима учун бу чигал иш айнан менга, тажрибасиз бир терговчига топширилди. Ахир бунақа ишлар тажрибали одамга, ёки прокурор ёрдамчисининг ўзига топширилар эди-ку? Бу ғўр бола чигал ишни ечишга эриниб, қўл силтаб қўя қолар, дейишдими? «Сувилон» бу ишни ёпганимдан кейин кўтарилишим мумкинлигини шунчаки писанда қилмагандир?
— Тўғри англабсан. Бу ёғини энди ўзинг ўйлаб кўравер. Сенга бир янгилик бор, кеча заргарлик дўкони ўмарилган, шу ишни менга беришди. Ҳамдам эса Фарғонада...
— Шунга ҳайронман, Фарғонадаги ишлар билан марказдан келганлар шуғулланаятувди шекилли?
— Сен ҳайрон бўлма, ўйла. Мендан кўнглинг тўқ бўлсин, ёлғиз қолдирмайман. Петрашвилини сўроқ қилдингми?
— Ҳа. Аммо янги гап чиқмади.
— Ундан чиқмайди ҳам. Янгисини сенга мен айтаман. — Солиев шундай деб, портфелини очиб, муқоваланган бир даста қоғозни олди-да, Зоҳидга узатди. — Танишиб чиқ, Петрашвилининг иши.
— Буниси қизиқ бўлди, — деди Зоҳид, пешонасини силаб. — Шунақа маккорлик билан ишлаган одам нима учун бу шилта ишга илашиб қолди?
— Булар меъёрни билишади. Петрашвилининг услуби эскирди. Энди у арзон-гаров қўғирчоққа айланган, қадри кетган. Петрашвилига қандайдир ваъда беришгандир. Бир нарсага зориқмаса, бунақа ишни зиммасига олмас эди. Уни бошқа қамоқхонага кўчиришга ҳаракат қилиш керак.
— Нима учун?
— Нима учун? — Солиев бош чайқади. — Сезмадингми? Петрашвили ҳам, шериги ҳам ё нашаванд, ё гиёҳванд. Бу қамоқхонада уларнинг одами бордир. Етказиб бераётгандир. Етказувчи занжирини узиш керак. Ана шунда улар хумордан тутайди. Бошини деворга уради. Бир чеким наша учун отасини ҳам сотади. Ҳозирча «мен ўлдирмаганман, мен ёқмаганман», деб турибдими, хумордан қийналганда биринчи айтадигани «мен ўлдирганман» дейди. Қотилликни бўйнига олади. Сен уларга ишонгандай бўласану бошқа томондан босасан. Сен шу кунлар ичи бошлиқ билан яккама-якка гаплашишга уриниб кўр. Эшитишимча, янги раҳбар уни суҳбатга чақирган. Қаттиқ талаб қўйган. Ҳозир учрашишнинг айни пайти. Фақат бу идорангдагиларга билдирма. Унгача турмада капитан Мусаев деган йигитга учраш. Кўрсанг, худди чумак арининг ўзи. Агар у ерда юзта ҳалол одам бўлса, юзнинг бири, биттагина бўлса, шунинг ўзи. Унга тайинласанг, кавказликларингга кўз-қулоқ бўлиб туради.

Зоҳидга бу фикр маъқул туюлди.

3

Чувринди уйга ҳазин бир аҳволда қайтаётган эди. Бугун унга онасининг хасталаниб қолганини маълум қилдилар. У «яна ўша эски дарддир» деб ўйлаб, боришга шошилмади. Мўлжалдаги ишларни бажа-риб бўлиб, бориб қарасаки, аҳвол у ўйлагандан ёмонроқ. Онаси айвонда шифтга тикилиб, бемажол ётибди.
— Кайфи йўқми? — деб сўради Чувринди пешвоз чиққан уй бекасига.
— Йўқ, кечадан бери сўрамайди ҳам.
— Диспансердан нима учун олиб келдингиз? — деб сўради Чувринди уй бекасидан.
— Хабар олгани борган эдим. Дўхтирлар олиб кетганингиз маъқул дейишди... — уй бекаси шундай деб лабини тишлади. У асосий гапни айта олмади.

Чувринди шу пайтгача онасига салом бермаган эди. Ажабки, ўзи истамаган ҳолда, паст овозда бўлса ҳам салом берди. Онаси унинг овозини эшитиб, шифтдан кўзини олиб, у томон қаради. Лаблари титради. Бир оздан сўнг ёноғига бир томчи ёш думалади. Бу аёлни танимаган одам уни ҳали олтмишга кирмаганига зинҳор ишонмас, камида саксон йил умр кўрган кампир, деб баҳо берар эди.

Уй бекаси асосий гапни айтолмаган бўлса ҳам, Чувринди унинг нима демоқчи эканини англаган эди. Ҳозир онасига қараб «Наҳотки?» деган фикр юрагига бир лаҳзалик енгил титроқ бериб ўтди. Она дейишга ҳам арзимайдиган бу шилта хотин ўлса бир туким ҳам қилт этмаса керак, деб ўйларди. Ҳозирги аҳволига ўзи ҳам ажабланди. «Ачинаяпманми? Нега? Бу дунёда бор бўлди нимаю йўқ бўлди нима? Ўзига ярашасини олди. Итдай хор бўлди. Энди хорликлардан қутулади. У-ку хорликдан қутулади. Мен-чи? Исноддан қачон қутуламан?»

Чувринди онасига қараб шуларни ўйларди. Шу ўйлари билан юрагида ғимирлаётган ачиниш ҳиссини бўғмоқчи бўларди.

Онаси эса... унга қараганича унсиз йиғларди.

Нима учун йиғлаётганини ўзи ҳам билмасди.

Бу дунёдан қандай армон билан ўтаётганини идрок қила олмасди...

Ўғлига бир нима дегиси келарди, аммо тили гапга айланмас эди...

Нима десин? «Болам» десинми? Ҳаққи борми шундай дейишга. Туққанидан бери бирор марта «болам» деб суймаган, энди ўлари олдида шундай дейишга тил ҳам бўйсунмайди. Юрагида «Болажоним!» деган фарёд уйғонади, аммо қотиб қолган тил, бу фарёдни эгасига етказиб бера олмайди. Юракнинг таржимони бўлмиш тил ожиз...

«Рози бўлгин», десинми? Қайси қилган яхшилиги учун розилик тилайди?

«Розиман» десинми? Ўғли зорми экан унинг ризолигига?

Бу аёлнинг ҳозирги аҳволини билган одам умр бўйи Яратганга муножот этиб, «Ё Раббим, мени бу банданг ҳолига сола кўрма» деб зорланиб ўтарди.

Чувриндининг онаси «болам» дея олмаётганидан, рози-ризолик тилай олмаётганидан ўкинмас эди. Чунки бундай тушунчалар уни аллақачонлар тарк этиб кетганди. Тўмтоқлашган ақли жаъмики нурли туйғуларни бўғиб ўлдириб бўлган эди. У яна бир неча соатлик ёки бир неча кунлик умри қолганини билмас эди. Ўлим тўшагида азоб чекиб ётарди, дейиш ножоиздир, чунки у ароқ тополмаган кезлари бундан баттар азобга дуч келарди...

Ҳозир йиғлагиси келди. Унсизгина йиғлади. Авваллари кулгиси келарди, куларди, маишат қилгиси келарди, қиларди. Ана энди йиғлагиси келди...

Ажаб манзара: она ва ўғил... Ҳеч қачон бирга бўлмаган, ҳеч қачон бир-бирига меҳр кўрсатмаган икки тирик жон. Бу дунёда нима учун яшамоқ лозимлигини англамаган икки банда. Бир-бирларига айтмоққа сўзлари йўқ...

Мудҳиш манзара: ҳадемай жон бериши мумкин бўлган онасига айтмоққа ўғилда сўз бўлмаса?!

Онанинг айтадиган гапи бор. Узоқ йиллар асраган гапини айтиши керак. Бу ҳақиқатни гўрига ортмоқлаб кета олмайди.
— Келиб тур, айтадиган гапим бор, — деди она хаста овозда.
— Гапингиз бўлса... айтинг, — деди ўғил.
— Ҳозир айтмайман... Жоним узилишидан олдин айтаман.
— Нега?
— Қўрқаман.
— Кимдан?
— ...

Билмайди... Чиндан ҳам шундай. Эрининг ўлимидан бери қўрқувда яшади, аммо кимдан қўрққанини ўзи ҳам аниқ билмади. Бу қўрқув ўша машъум воқеадан сўнг уйғонган. Ўшандан бери бу қўрқув хожа, у эса чўри. Шу қўрқув боласини ташлашга мажбур қилди. Шу қўрқув уни шаҳарга ҳайдаб келди. Ароқ ичиб, кайф қилгандагина қўрқув уни холи қўярди.
— Келиб тур, — у шундай деб бошини буриб, нигоҳини яна шифтга қадади.
— Эрталаб келаман, — Чувринди шундай деб дарвоза томон юрди.
— Омонат гаплари борга ўхшайди, — деди уй бекаси. — Келиб туринг. Айтмасалар жон беришлари қийин бўлади.
— Нега? — Чувринди тўхтаб, унга қаради.
— Одамлар шунақа дейишади. Кейин... ҳарна бўлса ҳам сизни туққанлар, «розиман», деб қўйинг. Ўзингиз ҳам розиликларини олинг.
— Ҳозирми?
— Йўқ. Ҳозир орқага қайтманг, эртага келаман, деяпсиз-ку?

Чувринди уйга келгач, машинасини одатича кўчада қолдирди. Ўртанча ўғли машинани тозалаб, ичкарига ҳайдаб киришга ишқибоз.

Шом қоронғуси туша бошлагани учун ўнг томондаги дарахтга суяниб турган одамга эътибор бермаган эди. Дарвоза томон уч-тўрт қадам ташлагач, таниш овоз эшитилди:
— Эҳсонов!

Уни ҳеч ким бунақа деб йўқламасди, шу сабабли ажабланиб, таққа тўхтади. Дарахтга суяниб турган одам унга яқинлашди. Чувринди уни таниб, ҳайронлиги ошди:
— Ие, прокурор, сизмисиз?
— Менман. Сизни кутиб турувдим.
— Тинчликми?
— Эксгуматсияга чақирган эдим, дарагингиз бўлмади. Иш кўпми?
— Иш-ку... кўпмас... Лекин очиғини айтсам... Ўликдан қўрқаман. Гапим кулгилими?
— Мен учун кулгили эмас. Чунки кўпчилик мурдадан қўрқади. Тирикдан қўрқишмайди, шуниси менга қизиқ туюлади.
— Қизиқми? — Чувринди Зоҳидга синовчан назар ташлади. — Тирикдан қочиб ё беркиниб қутулиш мумкин. Ўликнинг арвоҳидан қаёққа қочади одам?
— Сиз ҳақсиз. Руҳ бир ёпишса қутулиб бўлмаса керак.

Зоҳид шу гапни айтгач, «уйига таклиф қилармикин ё йўқми?» деб ўйланди. Чувринди эса унинг бемалол туриб олиб гапни чўзаётганидан мақсадини фаҳмлади: «Уйга кирмоқчи шекилли?»
— Овора бўлиб келибсиз, хизматингизда бўлайлик, — деди озгина киноя билан. — Тинтув қилгани келмагандирсиз, а?
— Тинтувга келганимда сизни кутиб турмасдим. Агар сизга м а л о л келмаса, шу ерда туриб гаплашаверамиз.

Зоҳиднинг кейинги сўзлари Чувриндининг киноясига ҳамоҳанг тушди. Чувринди буни сезиб, кулимсиради.
— Менинг уйимга келганлар остонадан ноумид қайтишмаган. Шу уй қурилганидан бери дарвоза қулф нималигини билмайди. Ишонмасангиз ана, қаранг. — У шундай деб уй томон йўл бошлади. Зоҳид дарвозага кўз ташлади: чиндан ҳам тутқич бору қулф йўқ.
— Мен қишлоқда туғилиб ўсганман. Қишлоғимизда қулфланадиган биронта ҳам эшик йўқ эди. Шаҳарда ҳам шундай қилса бўлармикин, девдим.
— Бўляптими? — деди Зоҳид остона ҳатлаб.
— Бўляпти шекилли?

«Бўлмай-чи — деб ўйлади Зоҳид. — Бу уйга қайси ботир ўғри, кимнинг юраги билан яқинлашар экан? Қулф нима экан, аслида бу хонадонга дарвоза ҳам шарт эмас...»

Чувринди уни кичик меҳмонхонага бошлади. Бу хонадонда учта меҳмонхона бўлиб, бири катта, иккинчиси ўрта, учинчиси кичик ҳисобланарди. Уччовида ҳам дастурхон ҳамиша тузоғлиқ турар, одамлар сонига, ҳамда даражасига қараб у ёки бу меҳмонхонага таклиф қилинарди. Чувринди аввалига Зоҳидни катта меҳмонхонага бошлаб қойил қолдирмоқчи эди. Кейин «буларнинг зоти қитмир бўлади, бир балони бошламасин», деб «камтарона» ҳисобланган хонага таклиф этди.

Остона ҳатлаб ҳовлига кирган одам бир қарашдаёқ хонадоннинг саришта эканини кўради. Мўъжаз фаввора, шийпон, уйларнинг жойланиши — ҳаммаси рисоладагидай. Агар ҳовлига товус билан кийик қўйиб юборилсами, эртаклардаги хон саройининг ўзи бўлиши мумкин.

Чувринди бир неча дақиқа Зоҳидни меҳмонхонада ёлғиз қолдирди. Бу муддатда Зоҳид уй ичини кўздан кечиришга улгурди. Ҳовлида юриши керак бўлган товус меҳмонхона деворига муҳрланибди. Рассом ранг танлашга уста экану аммо меъёрни билмабди. Деворлару шифт табиат ва жониворлар тасвири билан тўлган, тасвирда фақат эшагу ит бўлмаса керак. Бу рассомнинг калтабинлигими ё хўжайин истагими — Зоҳидга қоронғу.

Чувринди кириб:
— Суратлар ёқдими? — деб кулимсиради.
— Рассом яхши экану...
— Ҳайвонот боғи қилиб ташлабдими?
— Ҳа.
— Мен сафарда эдим. Кичкинам кириб «уни чизинг» деса ҳам чизибди, «буни чизинг» деса ҳам чизаверибди. Мен ўзим бунақанги бачканаликни ёқтирмайман.
— Меъморчиликдан хабарингиз борми, дейман?
— Нега сўраяпсиз?
— Уй тартиб билан, яхши қурилибди. Меъморнинг қўли сезилиб турибди.
— Буни тўғри топдингиз. Бир меъмор ошнам ишбоши бўлиб қурган бу уйларни. Ўзимда савод йўқ. Мактабда ҳам чала-чулпа ўқиганман. Ўқишга ҳавас зўр эди-ку, шароит тўғри келмади.
— Нима сабабдан?
— Бунинг тарихини айтсам, минг бир кеча бўлади. — Чувринди шундай деб тузоғлиқ дастурхон устига ёйилган докани йиғиштириб олди.
— Қани, марҳамат қилинг.
— Меҳмон кутятувдингизми? — деб сўради Зоҳид. — Бемаврид келибман, шекилли?
— Кутаётган меҳмоним — сиз, десам ишонасизми?
— Йўқ, ишонмайман, — деди Зоҳид кулимсираб.
— Тўғри, ишонмайсиз. Ҳамма гапга ишонаверсангиз прокурор бўла олмас эдингиз, — деди Чувринди ҳам жилмайиб.
— Эксгуматсия хулосалари...

Зоҳид шундай деб гап бошлаган эди, Чувринди шарт кесди:
— Бу гапни қўя туринг. Аввал таом, баъдаз калом, дейишганми?

Зоҳид «маъқул», дегандай қўлини кўксига қўйди.

Яхши ҳамки Чувринди сўзини бўлди. Дам ўтмай таом киритилиб, шўрвани ичаётган пайтда Зоҳид маёр Солиевнинг «Жамшид тирик эканига ишонишимизни исташяпти», деган гапини эслади. Ажаб ҳолат: аввалига куйдирилган мурда — Жамшид, дейишди. Энди ўзлари «йўқ, у Жамшид эмас эди», дейишмоқчими? Зоҳид шўрвани ича туриб Чувриндига бир-икки ўғринча қаради. Чувринди хотиржам овқатланар, юзидан, кўз қарашидан бирор маъно уқиш қийин эди.

«Буларда бир сир бор, — деб ўйлади Зоҳид. — Ўзларига ёқмаган одамни ўлдириб, кўмиб ташлашса ҳам бўларди. Намойишкорона осишлари нимани англатади? Мақсуд ака бир нарсада янглишадилар. Уларнинг мақсадлари фақатгина бизни лақиллатиш эмас. Суннатуллаев — Асадбекнинг одами. Агар уни Асадбек ўлдиртирса, бундай осиб қўймас эди. Изсиз йўқолган одамлар рўйхатига кирарди. Бошқа тўда ўлдирган бўлса, булар нега жим? Нима учун хотиржам? Пайт пойлашяптими? Улар кутган фурсат қачон келади? Сўнг қандай балоларни бошлашади? Биз одатдагидай ғафлатда қолмаймизми? Наҳот буларнинг пайини қирқа олмасак?»

Зоҳиднинг қорни оч эди, шўрвани ҳам ичди, кейин қўйилган хасипни ҳам еди, ноз қилиб ўтирмади. Ташқаридан қараган киши буларни икки қарама-қарши қутб одамлари эмас, жонажон икки дўст ширин суҳбат қилиб, овқатланяпти, деб ўйлаши мумкин эди.

Чувринди «Эҳсонов!» деб чақирилиб, тўхтатилганида ғашланган эди. Ҳозир Зоҳиднинг айнан шу кеч келганидан ўзича рози бўлди. Зоҳид келмаганида ёлғиз ўтириб, онасининг ташвиши билан банд бўларди. Зоҳид ташрифи билан ундаги андуҳни бир оз бўлса-да, чекинтирди. Айниқса гапларида расмиятчилик оҳанги йўқлиги Чувриндига маъқул келди.

«Овқат еяётганда туппа-тузук одамга ўхшаркан, а? — деб ўйлади Чувринди. — Лекин мендан нима истайди бу? Наҳот мени ҳаммасини айтиб берадиган гўл деб ўйласа? Хўп, ҳозир ҳаммасини тўппа-тўғри айтиб берайинми? Шунда ишониб, индамай кетадими? Ишониб бўпти. Яна ланжлик қилади, яна бефаросат ўрдакка ўхшаб тумшуғи билан балчиқ титаверади. Бўладиган гап шу — балчиғини титиб кунини кўраверсин. Балчиқдаги буларга ем бўлувчи чувалчанг қайда-ю, осмондаги бургут қайда?!»

Овқатдан сўнг Зоҳид икки пиёла чой ичгач, лабини сочиққа артди.
— Чойдан қуяйми? — деб сўради Чувринди, илтифот билан. Бу илтифот пардаси ортида «қани энди гапингизни айтаверинг», деган маъно ётган эди.

Овқатлана туриб бир қарорга келган Зоҳид Чувринди учун кутилмаганда қисқа гапирди:
— Эксгуматсия хулосасида айтарли янгилик йўқ. Мурда Суннатуллаевники, деган тахминда турибмиз.
— Тахминда, деганингиз нимаси?
— Аниқ хулосага келиш учун қўшимча далиллар керак.
— Қанақа далил?
— Буниси энди тергов жараёнида маълум бўлади. Сиздан бир илтимосим бор: бирор масалада безовта қилсам, аччиқланманг. Сиздан гумонсираётганимиз йўқ, фақат марҳумни яқиндан билганингиз учун у-буни сўраб турамиз.
— Ҳайрият-э, — деди Чувринди кинояли жилмайиб. — Мени гуноҳкор қилиб қўясизми, деб жоним ҳалакда эди. Энди эксгуматсия хулосасига келсак, у мени мутлақо қизиқтирмайди. Биз уни Жамшид деб ўйлаб, иззати билан жойига қўйдик. Бошқа жиҳатлари билан шахсан менинг ишим йўқ. Мурда бошқа бўлса, Жамшид тирик бўлса, марҳамат, топиб беринг. Топсангиз, суюнчиси биздан. Мен сизнинг илтимосингизни қабул қилай. Сиз ҳам менинг насиҳатимни қулоғингизга олинг: балиғи йўқ ҳовузга қармоқ ташлаб овора бўлманг.
— Қани, бир уриниб кўрайлик-чи, балки суюнчи ёнингизга қолар. Балки қармоққа балиқ ҳам илиниб қолар? — Зоҳид шундай деб фотиҳа қилган бўлди-да, ўрнидан турди.

«Агар ниятлари бизни лақиллатиш бўлса, мен уларни чалғитдим», деб ўйлади Зоҳид.

XIV боб

1

— Кўринишингдан чеченга ўхшайсану она тилингда гапирмаганингга ҳайронман, — деди машина ҳайдовчиси.

Зелихон унга дарров жавоб бера олмади. Озгина сукут сақлагач, бир хўрсиниб деди:
— Мен чеченман. Ота юртимда туғилдиму бошқа юртда улғайдим. Она тилимни биламан. Гапирсангиз яхши тушунаману ўзим силлиқ гапира олмайман. Тил қотиб қолган.
— Тилим қотди, дейсанми? Унда сен адо бўлган одам экансан, оғайни, — деди ҳайдовчи, орқа ўриндиқда ўтирган Зелихонга кўзгу орқали қараб.
— Гапингга тушунмадим? — деди Зелихон.
— Она тилини билмаган инсон ўзини одам санамаса ҳам бўлади.
— Тилинг жуда узун экан, — деди Зелихон аччиқланиб, — аммо ақлинг калтага ўхшайди. Уруш даврида чеченлар бошига тушган кулфатни эшитмаганмисан?

Зелихоннинг ақл хусусидаги гапи ҳайдовчига малол келди, қони бир қайнади-ю, аммо «ҳарҳолда бу ўз қондошим», деб дарров ўзини босди. Зелихоннинг гапига хотиржам жавоб берди:
— Эшитганман, лекин одамнинг ўзини ўзи унутиши учун бу ҳеч қандай имтиёз бермайди. Инсон ўз она тилини ўлгунича унутмаслиги керак, — ҳайдовчи шундай деб бир оз сукут қилди-да, сўнг қўшиб қўйди: — Балки ўлгандан кейин ҳам унутмаслиги керакдир. У дунёда қайси тилда ҳисоб беради? Сенга ўхшаб русчадамас дейман, а?

Зелихон унинг бир айтган фикридан қайтмаслигини билиб, кулимсиради:
— Ўжарлигингдан чеченга ўхшайсан.

Бу гап ҳайдовчига маъқул келиб, хахолаб кулди.
— Нима десанг, де: мен чеченман! Ҳа, мени қиймалаб ташласанг ҳам ҳар бир бўлак гўштим «мен чеченман!» деб ҳайқириб туради. Ана, тоғларни кўряпсанми? Менинг боболаримнинг боболари, уларнинг-да боболари ана шу тоғлар каби мағрур бўлишган. Отам ҳам мағрур эди, мен ҳам мағрурман. Чечен бўлганим учун мағрурман. Менинг болаларим ҳам мағрур. Уларнинг болалари ҳам мағрур бўлади. Тоғни шамол ёки ёмғир емириб тамом қилганда бизнинг ғуруримиз ҳам емирилади, уқдингми, доно одам?

Ҳайдовчи шундай деб қўшиқ айта бошлади. Зелихон бу қўшиқни аввал эшитмаган эди. Айрим таниш сўзлардан, қўшиқнинг авжидан ватан ҳақида эканини англади.

«Бахтли одам экан, бу ўжар, — деб ўйлади Зелихон. — Ватани бор, ғурури бор. Болалари ҳам бор. Улар ҳам мағрур. Худди тоғ чўққиларидай мағрур... Менда нима бор?»

Шу гапларни хаёлидан ўтказа туриб Исмоилбейнинг ғамгин чеҳраси кўз олдига келиб, қулоғи остида унинг овози жаранглади: «Ватани йўқнинг иймони йўқтур...»

Зелихон хаёлга берилиб, қўшиқ тугаганини сезмай қолди. Ҳайдовчи унга аввал кўзгу орқали қаради, сўнг бир ўгирилиб олди:
— Нималарни ўйлаяпсан? Қўшиққа тушундингми?
— Тушундим. Ватан ҳақида куйладинг.
— Ҳеч балога тушунмабсан. Мен дедимки, агар Ватан мени суймаса мен уни суярман. Агар мени нимталасалар-да бир бўлагимни Қора денгизга, бирини Оқ денгизга, бирини Ҳазорга ташласалар майли, розиман, фақат бир ўтинчим бор: юрагимни Ватанда қолдирсинлар. Ана шунда менинг нимталарим юрагимга талпинарлар, келарлар ва бирлашарлар! Юрак — Ватандир, Ватан — юракдир! Ким ўз юрагидан воз кечади? Ҳеч ким! Эй Раббим, ўзга юртда жонимни олиб, жаннатдан жой берганингдан кўра, жонимни ўз Ватанимда олу шунинг эвазига жойни дўзахингдан беравер! Энди қўшиқнинг мазмунини англадингми, биродар?
— Англадим, — деди Зелихон. Кейин бир тин олди-да, Исмоилбей сўзларини такрорлади: — Ватани йўқнинг иймони йўқтур...
— Яхши айтдинг. Она тилингни билмасанг ҳам, калланг жойида экан.
— Буни мен айтмадим. Бир турк оқсоқоли айтган эди. Уруш даврида уларни ҳам Ватандан ҳайдаганлар. Мусофирликда ўлди, Ватанига қараб туриб, жони узилди.
— Қараб туриб, дедингми? Тушунмадим?

Зелихон Исмоилбейнинг сўнгги дақиқаларини айтиб берди. Ҳайдовчи гарданини силаб қўйиб:
— Ҳа-а... — деди. — Ўзбеклар ёмон қилишди. Улардан буни кутмаган эдим. Ўзбек йигитлар билан бирга хизмат қилганман. Мўмин болалар эди, ҳайронман...
— Нега ҳайрон бўласан? Уларни била туриб шу иғво гапларга ишондингми?
— Ишонмай бўладими? Телевизорда кўрсатиб турибди. Гапириб турибди. Каттаси ҳам айтди, қулупнай талашишибдими?
— Хафа бўлмагину, аммо аҳмоқ экансан. Олдинги гапларингни эшитиб сенга ихлосим ошаётувди. Бу гапларинг кўнглимни айнитди.
— Хўп, мен аҳмоқман. Телевизор ёлғонни айтаётган экан, ўзбекларинг нимага жим туришибди? Ғурури борми ўзи уларнинг? Бизга туҳмат қиляпти, деб дунёни алғов-далғов қилиб юборишмайдими!
— Айтишга осон. Ҳозир мен чўнтагимдан ингичка сим арқон олиб бўйнингга ташлаб сиқай, сен эса дунёни алғов-далғов қилиб бер менга.

Ҳайдовчи индамади. Йўл иккига айрилган жойга яқинлашгач, машинани секинлатди.
— Менга қара, биродар, овулингга бугун боришинг шартми?
— Нима эди?
— Шу ердан ўттиз чақирим юрсак, менинг овулимга етамиз. Сен чечен бўлсанг ҳам ҳозир қўноқсан. Қўноқни овулимдан четлаб олиб кетсам, менга лаънат ёғилади.
— Шошилаётганим йўқ... Мени биров кутаётгани ҳам йўқ.
— Шошилмаганинг яхши, аммо биров кутмагани ёмон. Чеченни биров кутмаса ёмон, жуда ёмон.

Кичикроқ бир довонни ошиб ўтишгач, пастда бир қишлоқ кўринди. Аслида уларни бу ерда ҳеч ким кутмаётган эди. Ҳайдовчи дарё ёнидаги бир уй олдида машинани тўхтатди.
— Бу уй опамники, — деб ичкари кирди. Бир оздан сўнг қайтиб чиқиб, Зелихонни ичкари таклиф қилди. Хонадонда эркаклар кўринмади. Аёллар тезлик билан жой ҳозирлашди. Чой қайнагунча эркаклар ҳам келишди. Дам ўтмай ҳовли одамга тўлди. Биров Зелихонга сен кимсан, қаердан келдинг, бошингда қандай ташвишлар билан юрибсан, демади.

Бу хонадонда бир соатча ўтиришгач, бошқа хонадонга таклиф этилдилар. Шу зайлда ярим тунга қадар меҳмондорчилик бўлди. «Ҳаммани ҳам шундай кутишадими ё менгагина илтифот кўрсатишяптими?» деб ўйлади Зелихон.

Тунда дарё бўйидаги сайҳонликда гулхан ёқилди. Зелихонни бошлаб келган такси ҳайдовчиси юракни ларзага соладиган ҳазин қўшиқ бошлади. Бир нафасдан сўнг уч-тўрт эркак унга жўр бўлди. Сайҳонликка одам тўплана бошлади. Қишлоқдагилар ухлаяпти, деб ўйлаган Зелихон ажабланди. Ҳазин қўшиқ охирлагач, куй янгради. Дилни яйратди. Ёшлар ўйин-кулги бошладилар...

Тонгга яқин ҳайдовчи бир озгина мизғиб олгач, йўлга тушдилар. Зелихон ундан «қалай, овулим ёқдими?» деган савол кутди. Ундан ҳадеганда садо чиқавермагач:
— Овулинг менга ёқди, — деди.
— Ҳайрон бўлма, сенинг овулинг ҳам худди шундай, — деди ҳайдовчи.

2

Уч-тўрт одам қулочи аранг етадиган йўғон чинор қишлоқ гузари ҳисобланарди. Чинор соясида гурунглашиб ўтирган қариялар тўхтаган машинага, ундан тушган йўловчига жиддий эътибор қаратмадилар. Ҳайдовчи уларга яқинлашиб, салом бергач, мақсадини айтди. Шундагина қариялар машинадан тушиб, очиқ эшикка жағини тираб турган Зелихонга тикилиб қарашди.

Ҳайдовчи изига қайтди-да, Зелихонга:
— Аввал шуларга салом бер. Булар ота-бобонгни эслашди, — деди. Кейин жойига ўтира туриб қўшиб қўйди: — Овулимни кўрдинг. Бошингга иш тушиб қолса тўғри боравер. Кечаги гапларимга хафа бўлма. Мен тўғри гапни яхши кўраман.

Зелихон унга раҳмат айтиб, келишилган кира ҳақини узатди. Ҳайдовчи бир пулга, бир Зелихонга ўқрайиб қаради-да:
— Сенинг чеченлигингга ишонмай қолдим! — деб эшикни жаҳл билан ёпди.

Зелихон шитоб билан қўзғолган машина ортидан бир оз қараб турди-да, пулни чўнтагига қайта солиб, оғир қадамлар билан қариялар томон юрди.

Назарида бобоси оламдан ўтгач, бу ерга келиб қолгандай, шу қариялар даврасига қўшилгандай, ҳозир эса даврадан ажралиб чиқиб қучоқ очиб кутиб оладигандай эди. Шу фикрда даврага яқинлашгач, бобосига ўхшаган бир қарияни кўрди-ю, юраги шиғ этиб кетди.

Оқсоқоллар саломига алик олишиб у билан қадрдонлардай қучоқлашиб кўришишди. Сўнг давра ўртасидан жой беришди. Зелихон булардан ҳам «тилингни билмайсанми» деган таънани эшитмайин, деб хижолат бўлиб турган эди, бобосига ўхшатган қария русчалаб гап бошлади:
— Бобонгни танирдим. У тенгсиз полвон эди. Чечен овуллар нима экан, у ёқда ингуш овуллар, у ёқда аварлар, қўмиқлар... Эҳ-ҳе, кураш бор жойда полвонлар ундан зириллаб туришарди. Унинг кураги бир марта ерга теккан. Уни ўттиз олтинчи йилда мен енгганман. Худди шу ерда. — Қария шундай деб мўйловини бураб қўйди. — Мен ёш эдим, у эса кексая бошлаган эди. Йиқитишга йиқитиб қўйиб, «устоз, кечиринг» дебман. У ўрнидан туриб, мени қучоқлаб, пешонамдан ўпди. Кейин бир тарсаки туширди. Одамлар ҳайрон бўлиб сўрашди: «Қучоқлаб ўпганинг нимаю урганинг нима?» У айтди: «Мени енггани учун қучоқлаб ўпдим. Кечирим сўрагани учун тарсаки туширдим» Ҳа... шунақа одам эди... Аммо отангдан полвон чиқмади. У урушга мендан олдинроқ кетган эди. Мен қайтдим, ундан дарак бўлмади...

Қариялар шошилмасдан, бирининг гапига иккинчиси аралашмасдан қизиққан саволларини сўрай бошладилар. «Шу пайтгача нима учун келмадинг?» деган саволга Зелихон «Уй-жой, бола чақа билан ўралашдим», деб баҳона қилди. Бу гапни эшитиб оқсоқоллар жим бўлишди. Айримлари «аттанг» дегандай бошла-рини сарак-сарак қилиб қўйишди. Бобосига ўхшаган қария эса бургутники каби ўткир нигоҳини унга қадади-да:
— Бобонг тирик бўлганида шу гапинг учун бир тарсаки туширарди, — деди.

Зелихон «нима учун?» деб сўрамади. Ёлғони фош бўлганини сезди.
— Бошқа сабаблар ҳам бор, — деди бошини эгиб.
— Ўша бошқа сабабларни гапиришинг жоиз эди. Бизни бу авлоқда пўпанак босиб ётган чоллар, деб ўйладингми? Қамоқдан қачон чиқдинг?
— Бир йил бўлиб қолди.
— Нима қилмоқчисан?
— Овулга сиғсам, шу ерда қоламан.
— Овулга сендайлардан миллиони бўлса, миллиони сиғади. Қани, тур ўрнингдан, орқамдан юр.

Улар бир юк машинаси сиғадиган тупроқ йўлдан юқорига қараб юришди. Қария Зелихондан чаққонроқ эди. Уч-тўрт қадамдаёқ илгарилаб кетди. Айланма йўллардан бир оз юришгач, пастқамроқ бир уй қаршисида тўхташди.

Ҳовлида жўхори чопиқ қилаётган одам уларни кўриб, ишини тўхтатди-да, пешвоз чиқди:
— Келинг, Алибек оға, — деди у қарияга, сўнг Зелихонга синовчан тикилди: — Зелихонмисан?
— Ҳа, Зелихон, янглишмадинг. Мен сенга айтардим-а, бир кунмас-бир кун келади, деб... — Қария Зелихонга қаради. — Мана шу сенинг уйинг. Арслон урушдан қайтганда уйи куйиб кетган эди. Маслаҳатлашиб, шу ерга кўчирдик. Сен хоҳлаган кунинг уйни бўшатиб беради.

Арслон ўз ўғлини кутиб олаётган ота меҳри билан Зелихонни маҳкам қучоқлади.
— Отанг менинг қадрдоним эди. Сен туғилганда чунон яйраганмизки, сен сўрама, мен айтмайин.

Уй уч хонадан иборат, иккитасини Арслон банд қилган, биттасига уй эгаларидан нимаки қолган бўлса, асраб қўйилган эди. Эгалланган икки хона супуриб-сидирилганда, бу хона ҳам албатта тозаланарди. Арслон Зелихонни шу уйга бошлади. Хона эгасизга ўхшамас, уй бекаси ҳозиргина йиғиштиргандай саришта эди.
— Бу хона кетганларингдан бери сени кутяпти, — деди Арслон. — Бобонг билан онангни Худо раҳмат қилсин, уларнинг қайтиш қилганларидан хабаримиз бор. Алибек оғам тўғри айтдилар, сени кутдик. Худога шукр, келдинг. Ота-онанг, бобонгнинг буюмлари шу ерда. Ҳатто... — Арслон кулимсиради, — сенинг иштончаларинг ҳам жавонда турибди...

У шундай деб Зелихонни ёлғиз қолдирди.

Зелихон оёғидан мадор кетаётганини ҳис қилиб, аста тиз чўкди.

Шу уйда киндик қони тўкилган, шу уйда эмаклаб юрган, шу уйда «она» деб тили чиққан. Бу уйда отаси, онаси, бобосининг излари бор. Бу деворларга уларнинг овозлари сингиб қолган... Балки руҳлари ҳам шу уйда уни неча йиллардан бери чирқираб кутаётгандир? Нега шу пайтгача келмади? Агар Исмоилбей ўлмаганида, ўлим олдидаги гапларини айтмаганида умуман келмасмиди бу ерларга... Шу томонларга неча маротаба йўли тушди. Бир йили «овулимни бориб кўрай», деб қасд ҳам қилди. Аммо ярим йўлдан қайтди, оёғи тортмади. Оёғи тортмаганининг сабаби бор — ҳали унда иймон кўз очмаган эди. Руҳи жаҳолат ботқоғида биқсиб ётарди.

У ўрнидан туриб жавонга яқинлашди. Эшигига юзини қўйиб турди. Шу эшикни онаси неча маротабалаб очган. Қўллари тафтлари ҳануз сақланиб қолгандир?..

Орадан кўп ўтмай ҳовлида жонланиш сезилди. Зелихон танимаган овулдошлари уни зиёрат қилгани йиғила бошлаган эдилар.

Унинг ҳовлиси уч кечаю уч кундуз тўйхонага айланди. Қўйларни олиб келганлар кимлар, сўйганлар кимлар, дастурхон тузаганлар кимлар — билмайди. Уч кун давомида қишлоқнинг эрка фарзанди сифатида иззатда бўлди. Неча хонадонда меҳмонда бўлганини санайман, деб саноқдан ҳам адашди.

Тўртинчи куни Алибек оқсоқол кирди.
— Энди нима қилмоқчисан, шу ерда қоласанми? — деб сўради у дабдурустдан.
— Шундай ниятим бор, — деб жавоб берди Зелихон.
— Арслон уйни бўшатсинми?
— Мен сўққабош бўлсам, битта хона ҳам етади. Уларга малоллигим келмаса бас.
— Қўлингда ҳунаринг борми?

Зелихон панжаларига қараб, кулимсиради. Гулдай ҳунари бор-а, аммо чолга пўлат сандиқларни қандай очишию, қулфларни қандай усталик билан бузишини айтсинми?
— Ёмон, жуда ёмон, — деди Алибек оқсоқол. — Чечен йигитнинг ҳунарсиз бўлиши ёмон. Сен отбоқарга ёрдамлашасан, раисга айтиб қўйдим.
— Иш бўлса қочмас, яна уч-тўрт кун дам олай, — деди Зелихон.

Бу гапни эшитиб оқсоқол қалин қошларини чимирди. Бургут кўзларини эслатувчи нигоҳи ёнди:
— Сен эркакмисан? Эркак одам оғзини очиб ётиши мумкинми?

Зелихон унинг чиндан аччиқланганини сезиб:
— Хўп, эртадан чиқаман, — деди.
— Ҳозироқ ишга жўнайсан, қани, олдимга туш!

Зелихон қайсарлик қилмай унга эргашди. Унинг изидан бора туриб «бобом тарсаки тушириб яхши қилган эканлар», деб қўйди.

3

«Отбоқарга қарашасан», дейилганда «ем-хашагини берарман, суғорарман», деб ўйлаган Зелихон янглишган эди. Ёши йигирма бешларда бўлган қорувли йигит кўриниши зиёлинамо ёрдамчисига қараб, қошларини чимириб қўйди. Отбоқар ҳам кўпчилик қатори Зелихонни зиёрат қилган, унинг ўтмиши, ҳунари нима эканини ҳам биларди. Шу боис янги ёрдамчисини хушламайроқ қабул қилди. Бир нима деб рад этишга Алибек оқсоқолдан қўрқди. Чол «Оллоҳга топширдим», деб кетгач, Зелихон дарахт соясидаги тахта ўриндиққа бориб ўтирди.

Отбоқар унга бир оз қараб турди-да:
— Юринг, ишлаш керак, — деб отхона томон юрди.

Зелихон, «ишласак ишлаймиз-да», деб минғирлаб унга эргашди. Ичкарига киргач, отбоқар деворга суёғлиқ белкурак билан узун дастали супургини олиб, унга узатди:
— Аввал гўнгни бир ерга тўпланг. Кейин замбилғалтакда ташиб чиқасиз.

Отбоқарнинг буйруғи қатъий, қисқа ва лўнда эди.

Бу буйруқдан Зелихоннинг бир энсаси қотди, бир ғаши келди, бир жаҳли чиқди. Кейин ўзини енгишга куч топиб, аста ишга киришди. «Қамоқда ҳам бунчалик хор бўлмаган эдинг, академик, — деб ўйлади у, — юра-юра топганинг гўнг ташиш бўлдими?»

Бир қадам оралиқдаги гўнгни сургач, белкуракни жойига қўйиб, ташқарига чиқди-да, соядаги ўриндиққа бориб ўтирди. Саман отни қашлаётган отбоқар у томонга бир-икки норози қиёфада боқди. Сўнг Зелихоннинг бемалол ўтириб олганидан аччиқланиб, унга яқинлашди.
— Дарров бўлдингизми? — деди киноя оҳангида.
— Кунлик норма битди, — деди Зелихон мазах оҳангида. — Менга қара, комсомол, шу отхонанинг ҳаммасини тозалаб чиқсам, колхозинг менга неча пул ёзади?

Бундай саволни кутмаган отбоқар бир оз ўйланиб, сўнг жавоб берди:
— Саккиз сўм ёзар дейман, буни суриштирмаганман.
— Агар сен тозаласанг-чи?
— Мен тозаладим нимаю сиз тозаладингиз нима? Иш бир бўлганидан кейин ҳақ ҳам бир бўлади-да.
— Йўқ, мен хашаки ишчиман. Сен эса тажрибали отбоқарсан. Сен бажарган ишнинг сифати бошқача бўлади. Шунинг учун сенга ўн сўм ёзишар. Комсомол, кел, келишайлик: мен сенга ўттиз сўм бераман, сен эса мени тинч қўясан.

Отбоқар қошларини чимирди:
— Савдони бошқача қилайлик: мен сизга олтмиш сўм бераман, сиз эса менга олифтагарчилик қилмайсиз.
— Хафа бўлдингми, комсомол?
— Сиз шу гапларни айтишга уялмадингиз, а? Мен эсам гапингизни эшитиб, сиздан нафратландим, билиб қўйинг.
— Сен тушунмадинг, комсомол. Мен ишдан қочадиган одам эмасман. Курортда юриб, аллергия деган касал орттирганман. Касалим от гўнгининг ҳидига қўзийди. Нафасим бўғилади. Ишла, десанг, ишлайвераман, бўғилиб ўлсам, товонимга қоласан.

Отбоқар рост гапиряптими ё йўқми, деган маънода қараб турди-да, энсаси қотиб, нари кетди.

Зелихон савдоси пишмаганидан афсусланиб, яна бир оз ўтирди-да, сўнг ноилож отхона томон юрди.

Уч кунлик иззат-икромдан сўнг, у ҳам қишлоқнинг оддий фақирига айланди. «Энди аҳвол шуми? — деб ўйлади у. — Эрталаб уйқудан уйғонаман, нонушта қиламан, сўнг отхонага бориб гўнг ташийман, кейин уйга қайтаман, лақиллаб ўтираман... балки бир бевага уйлантириб қўйишар. Уни бағримга босаман, сочидан молхонанинг ҳиди келиб туради...»

Зелихон бундай ҳаётга кўникмаган эди. Шу ёшга кириб бирон ерда қўним ишламаган, қўним уй-жойи бўлмаган, шаҳарнинг олағовурига, маишатларига, димоғи жувонлардан таралувчи ёқимли ҳидларга ўрганган одам узоқ тоғли қишлоқнинг осойишта ҳаётига кўника олармиди?

Ватан туйғуси, Ватан меҳри деган тушунчалар эндигина уйғонаётган одам бир думалаб бошқа инсонга айлана олармикин?

Отхонадаги «меҳнат фаолияти»нинг бешинчи куни отбоқар унга «марҳамат» кўрсатиб, отларни қашлаб қўйишдек масъулиятли вазифани топширди. Зелихон қашқа билан муомаласини эндигина бошлаган пайтда отхона ҳовлисига оқ «жигули» шитоб билан кириб келди-да, майдончада кескин бурилиб, тўхтади. Зелихон одатига кўра сергакланиб, ўзини отнинг панасига олди. «Жигули» ҳайдовчиси машинадан тушиб, ҳуштак чалди-да, у томон қараб «бу ёққа кел», деган маънода қўл силтади. Зелихон худди ўзини панага олмагандай, машина кириб тўхтаганини сезмагандай ишини давом эттираверди.
— Зеля! — деб бақирди ҳайдовчи, яна чўзиб ҳуштак чалиб, — Зеля деяпман! Кармисан?!

Зелихон ўгирилиб, унга қаради. Кейин қашлағичини ташлаб, машина томон юрди. Машинага яқинлашиши билан орқа эшик очилди.
— Ўтир, — деди ҳайдовчи қўрслик билан.

Зелихон унинг амрига сўзсиз итоат этди. Ҳайдовчи жойига ўтириб, машинани яна шитоб билан жойидан қўзғотди. Отбоқар нима воқеа юз берганини идрок этолмай ҳам қолди.

Зелихон орқа ўриндиқда ўтирган қора кўзойнакли йигитни бир қарашда таниди — Москвада Хонгирей ёнида кўрган эди уни.

Қора кўзойнакли йигит унга қўлини узатиб кўришди-да:
— Академик амалий машғулот билан банд эканлар-да, а? — деб пиқиллаб кулди.

«Кеча келганингдами, академикнинг гўнг ташиётганини кўриб, эсинг оғиб қоларди». Зелихоннинг хаёлига шу гап келди, тили эса бошқани айтди:
— Ҳа. Дарвин деган шогирдим «одам меҳнат қилиб турмаса яна қайта маймунга айланиб қолади», деган экан. Бир отбоқар мисолида шу назариянинг исботини синаятувдим. — Зелихон шундай деб киборона жилмайди, кейин жиддийлашиб сўради: — Хонгирей тинчми? Нега мени йўқлаб қолди?
— Хонгирей тинч. Аммо сен тинч эмассан, — деди йигит. — Фарғонада ишкалинг чиқибди.
— Қанақа ишкал?
— Кимларни ўлдирмоқчи бўлдинг?
— Ўлдирмоқчи бўлдинг? — Зелихон ажабланди. — Кимларни ўлдирдинг, демоқчимисан?
— Сен қўлингдан келмайдиган ўйинга аралашибсан. Энди сен пачағи чиққан одамсан, академик. Яхши ҳамки бахтингга Хонгирей бор.
— Қани, гапни чўзмай, мақсадни айт-чи, — Зелихон шундай деб йигитнинг қора кўзойнагини олиб, унга тикилди.
— Сен қопқонга тушибсан. Энди чиқишинг қийин. Сен ишонган маржа ментларга хизмат қилган. Сен Бўрининг томирига қора дори юбордим, деб ўйлаб лаққа тушибсан. У қора дори эмас, дармондори бўлган. Ҳозир ментлар изингга тушишган. Сени ушлаб суд қилишмайди. Сен йўқ бўлишинг керак, вассалом.
— Нега?
— Негалигини ўзинг биласан. Сен ниманидир биласан. Бир махфий ишдан ҳид олиб қўйгансан. Кимки сен билган нарсани билса ўлиши керак.
— Тушунарли.
— Йўқ, ҳали тушунмадинг. Ҳозир уйингга борасан. Бир чолни кўрдик, унга ишонсанг бўладими?
— Нимани?
— Унга айтасан: шерикларим билан олди-соттида ишкал бор экан, Махачқалъага кетяпман, елкамга юз минг илиб туришибди. Шу ишни ҳал қилиб қайтаман, дейсан. Нарсаларингни олма.
— Кейин-чи?
— Кейин сен Сочига борасан. Коммунистлар кўчасидаги ўттиз еттинчи уйда сени бир жонон кутяпти. Исми Валя. Ўша ерда тухум босиб ўтирасан. Биздан хабар етмагунча қимирламайсан.
— Кейин-чи?
— Нима кейин?
— Овулда қанақа гап тарқатасан?
— Мен гап тарқатмайман. Эртага қўл-оёғи, боши кесилган мурдани қопга солиб, ташлаб кетишади. Сени кийимингдан танишади.
— Шу шартми? Овулга қирқ йилда энди келишим. Мени бу ердан қидиришмайди.
— Агар Хонгирейни аҳмоқ деб ўйласанг, билганингни қил.

Зелихон унга эътироз билдирмай, айтганларини бажарди. Ўша куни шом қоронғиси чўка бошлаганда ўзини Адлерда кўрди. Адлерда автобусга ўтириб, Сочига, сўнг тайин қилинган Коммунистлар кўчасига қараб кетди.

Валя деганлари чиндан ҳам куйдирмажон эди. У эшикни очиб, Зелихонни кўрди-ю, «сизга ким керак, ўзингиз кимсиз?» деб сўрамади. Худди сафардан қайтган эрини кутиб олаётгандай бир ширин жилмайиш ҳадя этиб, «киравер, яхши етиб келдингми», деди. Бундай ҳолатга дуч келган одам довдираши, «адашмадимми, ишқилиб?» деб остона ҳатлашга шошилмаслиги турган гап. Тўғри-да, бегона шаҳарга, бегона уйга келсангу бир бегона ҳурилиқо чиқиб хушнудлик билан кутиб олса?... Танимай туриб жилмайганича қаршилаяпти, ҳали уйга киргач нима бўлади, Худо билади.

Маош олишни кутиб яшовчи, баъзан хизмат сафарига чиқиб қолувчи, меҳмонхона остоналарида тиланчидай мўлтиллаб тонг оттирувчи одам учун бу шундай ғалат туюлади. Зелихон мансуб олам учун эса одатий бир ҳол. Хонгирей бу жойни аниқ тайин қилмай, шунчаки «Сочига бориб кутсин», деб амр қилганида ҳам Зелихон учун бошпана муаммоси бўлмас эди. Ҳарҳолда, академик хор бўладиган одам эмас...

Зелихон даҳлизга ўтиши билан Валя эшикни ёпиб, қулфлади-да:
— Ўнгдаги эшик ваннахона. Тўғридагиси ётоқхона. Кийимларинг, ҳужжатларинг ўша ерда, — деди.
— Сен-чи? — деди Зелихон, — Бирор ёққа кетмоқчимисан?
— Ҳа, — деди Валя қўлларини белига қўйиб, — бормасам бўлмайди.
— Узоққами?
— Узоққа... Бу ердан беш қадам. Сўнг чапга. Ошхонага. Ваннадан эсон-омон чиқсанг етиб оларсан.

Зелихон қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборди.
— Ҳазилкаш экансан, менга шунақалар ёқади.
— Менга эса сендақалар ёқмайди. Соқолингни олишни унутма. Ҳайвонот боғидан қочганга ўхшайсан.

Валя шундай деб кескин бурилди-да, ошхона томон юрди.

Зелихон ювиниб чиққач, Валя айтган «йўналиш» билан бориб, ошхонага кирди. Валя фақат ўзига зеб берибгина қолмай, уйни ҳам ораста тутар эди. Зелихон жувоннинг ўзини тутиши, уйдаги саришталикни кузатиб, «Бу ер Хонгирейнинг қўноғи бўлса керак», деган тўхтамга келди.
— Бу ерга Хонгирей ҳам келиб турадими? — деб сўради овқатланаётиб.
— Бу сенинг ишинг эмас.
— Жаҳлинг тез экан.
— Ҳа. Овқатингни е.
— Яхши. Биргина саволим бор: овқатни еб бўлгач, нима қиламиз?
— Сени билмайман. Аммо мен ётиб ухлайман, чарчаганман.
— Ана холос! Шундай сўлим шаҳарда, шундай сўлим кечада, шундай гўзал хоним уйига биқиниб олса... Худонинг ҳам қаҳри келади бунга.
— Бугунча қаҳри келмайди. Сен ҳам дамингни ол. Ўзингни қувноқ тутишга ҳаракат қилма. Аҳволингни билиб турибман.

Зелихон овқатни еб бўлгач, Валя тезгина идиш-товоқни ювди-да, «яхши ётиб тур», деб хонасига кириб кетди.

Зелихон орқасидан кирайинми ё йўқми, деб иккиланиб турди. Кейин эшикни аста итариб кўрди: ичкаридан қулфланибди. Зелихон «шуниси ҳам дуруст», деб қўйиб, балконга чиқди. Бу ердан денгиз қирғоғи баралла кўриниб турибди. Соҳилдаги ранго-ранг чироқлар, қирғоқ бўйлаб аста сузаётган катта-кичик кемаларнинг чироқлари милтиллаб кўринади. Бу шаҳар кун нима, тун нима билмайди. Маишат, бузуқлик танаффуссиз давом этади. Эрдан безганлар ҳам, хотиндан куйганлар ҳам шу ерда топишадилар. Бузуқлик дарахтининг нимаики меваси бўлса тотиб кўриб, сўнг яхши дам олган ёки даволанган одам қиёфасида уйларига жўнайдилар. У ёқда лақма эрлар хотинларини ёки нодон хотинлар эрларини гулдасталар билан кутиб оладилар. Сўнг... тунда соғинч ҳислари жўш уради... Аслида қиёмат содир бўлса шу ерда бошланиши керак...

Балконда турган Зелихон буларни ўйламайди. Чунки бузуқлик унинг учун гуноҳ саналмайди. Иштони йўқ иштони йиртиққа кулади, дейдилар. Зелихон бу мақолнинг акси ўлароқ, улардан кулмайди, нафратланмайди. Қачонки бундайларнинг биронтаси номус, поклик ҳақида ваъз айта бошласа, ғазабланади.

Зелихоннинг нигоҳи соҳилдаги чироқларга қадалган, хаёли эса Фарғонада эди. У қандай хатога йўл қўйди? Надуля... Бўри... булар кимлар, ўйлаб ўйига етолмайди. Агар ҳукумат изига тушган бўлса, чатоқ, узоқ вақт қочиб юролмайди. Хонгирей нимани мўлжал қилган? Ё чет элга чиқариб юборармикин? Чет элда нима қилади? Бу ерда «академик» тўртта бўлса у ёқда тўрт миллионтадир? У ёқда алмисоқдан қолган пўлат сандиқ, қулфлар йўқдир? Бу ҳунарининг сариқ чақалик қадри бўлармикин у ёқда? Ё гўнг ташиб тирикчилик қиладими?

Зелихон шу пайтда яна овулига қайтгиси, яна ўша отхонага боргиси келди.

Валя икки марта эшикни ўғринча очиб, балкондаги Зелихонга мўралаб қаради. У қадрини ошириш учун эшикни атайин ичкаридан қулфлаган, Зелихоннинг бир-икки чақириши қулфнинг очилиши учун кифоя эди. Валя балкондаги ёлғиз эркакка қараб туриб «Академик»нинг ақли жойида шекилли?» деб ўйлади.

Эртасига пешинга қадар ҳам уйда ўтиришди. Валя кимнингдир қўнғироқ қилишини кутди. Қўнғироқ бўлгач, Зелихонга «озодлик эълон қилинди». Улар икковлашиб, севишган эр-хотин сингари сайрга чиқдилар.

Сайрнинг тўртинчи куни соҳилдаги ресторанга бордилар. Нимқоронғи ресторан гавжум эди. Кўз нимқоронғиликка кўника бошлагач, Зелихон одат бўйича атрофга разм сола бошлади. Чолғувчининг чап томонида ўтирган йигит унинг диққатини тортди. Жингалак сочли йигитнинг ёнбошдан кўриниши унга кимнидир эслатди. «Бўлиши мумкин эмас», деб ўйлаб нигоҳини ундан олди. Аммо нигоҳи ўзига бўйсунмай ўша жингалак сочга қадалаверди. Бу орада куй янграб, билган ҳам, билмаган ҳам ўрнидан туриб рақсга туша бошлади. Жингалак сочли йигитни назардан қочирмаслик учун Зелихон Валяни рақсга тортди.

Зелихон унга яқинлашди. Кўзларига ишонмади — Жамшид! Ўлган одамни, яна мурдаси ёқиб юборилган одамнинг овқат еб ўтиришини кўриб, эси оғиб қолди, деб бўлмас. Ҳа, бошқа бир одам ҳайратдан донг қотиши мумкин, баданига енгил титроқ югуриши ҳам мумкиндир. Лекин Зелихонда бундай ҳолат юз бермайди, юз бериши мумкин ҳам эмас. Чунки у ҳаёти давомида бунақа ҳодисаларни кўп учратган. «Ўз қўлим билан ўлдирдим», дегани «Бўри» тирик юрганидан кейин, бу Жамшид нима экан? Ўзи-чи? Ҳозир овулдагилар уни ачиниш билан эслашаётгандир. Кимнингдир бўлакланган гавдасини тўплаб, қабристонга элтишгандир. Ота-онасини, бобосини эслашгандир? «Ота-онаси, бобосининг қабри бошқа юртларда қолди, Худога шукр, ўзи ота юрт тупроғига қўйилди», деб ўзларини овутишгандир... Ҳозир шу ресторанга Алибек оқсоқол ёки отбоқар кириб қолсами...

Зелихон рақсдан тўхтаб, Валяни четга тортди.
— Валюша, — деди у, — сен уйга боравер. Мен бир танишимни кўришим керак.

Валя унга синовчан тикилди-да:
— Бирга келдикми, бирга кетамиз, — деди қатъий оҳангда.
— Қўрқма, қочиб кетмайман, — деди Зелихон ҳазиломуз тарзда.
— Қочиб қаерга ҳам борардинг, — деди Валя қошларини чимириб. — Танишингни бирга кўрамиз.

Зелихон жойига бориб ўтирди. У Валяга сўзсиз бўйсуниши лозимлигини биларди. Валянинг атрофида албатта Хонгирейнинг йигитларидан борлиги ҳам унга маълум. Ҳозир Валянинг «танишингни бирга кўрамиз», дейиши унинг ўжарлиги эмас, балки Хонгирей кўрсатмаларига қатъий амал қилиши эди. Хонгирей «бир нафас ҳам ёлғиз қолдирма», деганми, демак, ёлғиз қўймайди. Суюкли хотиндай бўйнига осилиб юраверади.
— Валя, чолғувчилар томонга қара, жингалак сочли одам ўтирибди.

Валя Зелихон кўрсатган томонга диққат билан тикилди.
— Осиёликми? Кавказликка ўхшамайди.
— Ҳа, осиёлик. Ўша одам менга керак. Нима учун кераклигини сенга уйга боргач айтаман. Унгача сен уни... айлантириб бер. У билан бу ерда гаплаша олмайман. Сен у билан танишиб Сухумига таклиф қилсанг яхши бўларди.
— Нима учун Сухумига?
— Афон ғорига олиб кириш керак уни.
— Кейин-чи?
— Кейин... ҳар эҳтимолга қарши иккита йигит ҳам керак. Агар бу режа маъқул келмаса уйингга таклиф қил.
— Мумкин эмас.
— Унда Сухуми... Қўлингдан келармикин? — деди Зелихон қитмирлик билан.

Бу гап Валяга малол келди. Стол устидаги қутидан битта сигарет олиб, нозик бармоқларига қистирди-да, нозли юриш билан Жамшид томон юрди.

Зелихон ундан кўз олмай ҳар бир ҳаракатини кузатди. Валя Жамшидга яқинлашиб нимадир деди. Сўнг сигаретни лабига қистириб энгашди. Жамшид гугурт ёқди. Валя жилмайди. Нимадир деди. Бўш стулга ўтирди. Жамшид унга ичимлик қуйиб узатди. Валя оёқларини чалиштириб ўтирди. Кейин Жамшиднинг сочини силаб қўйди. Жамшид у билан гаплаша туриб атрофга аланглаб олди.

Чолғувчиларнинг танаффуси тугаб, куй янгради. Бир йигит келиб, Валяни рақсга таклиф қилди. Рақс туша туриб йигит Валянинг қулоғига нимадир деди. Валя сергак тортиб, Зелихон томонга қаради. Кўзлар бир сониягина учрашди. Валя шу сониядан фойдаланиб кўча томонни ишора қилди. Зелихон бу ишоранинг маънисини тушуниб, офитсиант билан ҳисоб-китобни пишитди-да, ташқарига чиқиб, чироқдан панароқ ерда ҳамроҳини кута бошлади.

Валя узоқ куттирмади. Ресторандан чиқиб, худди ёлғиз аёлдай, худди биров кутмаётгандай ҳеч қаёққа алангламасдан катта кўча томон юриб кетди. Зелихон орқасидан биров чиқиб қолармикин, деб пойлади. Валя узоқлашгач, унинг изидан кетди.
— Сенга нима учун керак бўлиб қолди у одам? — деб сўради Валя, орқасидан етиб келган Зелихонни қўлтиғига кириб.
— Оти нима экан? — деди Зелихон унинг саволидан бўйин товлаб.
— Жора.
— Балки Жамшиддир?
— Балки Жамшиддир. Хўш, нима учун керак?
— Сени рақсга таклиф қилган йигит ким? Хонгирейнинг одамими? У нима деб пичирлади?
— Хонгирейнинг одами эмас. Шу ерлик итбалиқлардан. Сени қизиқтираётган Жора уларнинг меҳмони экан. «Унга тегмаларинг», деди. Хўш, у нимага керак?

Валя ўжарлик билан суриштирмаса ҳам Зелихон айтарди. Чунки айтганлари Хонгирейнинг бу ердаги ноибига етиб бориши керак. Жамшид билан учрашув уларнинг ёрдамисиз бўлмайди. Шу сабабларга кўра ҳам Зелихон Жамшиднинг тарихини қисқа қилиб айтди.
— Уларнинг ишларига аралашиб нима қиласан? Ўзингни ўйласанг-чи! Сенинг ишинг уникидан баттарроқ-ку?
— Мен ундан фақат бир-икки гапни сўраб оламан. У ёқда дўстимнинг аҳволи чатоқ бўлиб қолиши мумкин. Чечен ҳеч қачон дўстини ярим йўлда қолдириб кетмаган. Ишонмасанг, Хонгирейдан сўра.

XV боб

1

Туннинг дардлари аримасдан тонг ота бошлади.

Ой ботди.

Ўтли ҳасратларнинг фиғонлари мангуликнинг сукутига ғарқ бўлиб ботса эди.

Тонг ёришиб борарди. Аммо дил қоронғулигича қолаверарди. Ҳар кун аҳвол шу: дил қоронғи, дил оғрийди, баъзан кўзёшлари ёмғир каби қуйилади. Кўзларни ёш куйдиради.

Юраги қийма-қийма, чилпарчин, аламдийда Зайнаб тонгни шу зайлда кутиб олиб, кунни шу ҳолатда узатади. Кеч кирганда унинг ёлғизлиги бошланади. Ором кўзларига кела қолмайди, туннинг тушлари киприкларини юма қолмайди.

Касалхонанинг алоҳида хонасида, алоҳида эътибор оғушида ётган Зайнаб ёлғиз қолган кезлари бошини қайси тошга уриб ёришни билмай қийналади. Ёлғиз қолган дамларида унинг учун на қуёш, на нур, на ҳаёт қўшиғи бор. У дарёдаги эгасиз, ёлғиз қайиқдай маёқсиз сузади. Ўзича вақтни орқага суриб, ҳаммасини бошқатдан бошлагиси келади. Агар юзидаги уят пардасини сидириб ташлаб, Жамшидда кўнгли борлигини онаси орқали отасига билдирса, суйгани билан қовушармиди? Ахир минг-минглаб одам аро иккиси ғойибона ип билан қаттиқ улангани ёлғонми эди? Наҳот отаси Жамшидни куёв қилишни истамас эди? Бир неча оғиз сўз билан тақдири бутунлай ўзгариши мумкин эди. Ана шунда отарчининг қийшиқ панжалари баданини силамас эди. Ҳар тун мотам чойшаби ёпилган ўринда тўлғонмас ҳам эди. Энди ҳеч нарса йўқ. Севинчи каби ёнган у чироқ ўчган. Энди унинг ҳаёти пуч хаёллар зиндонига беркилган... Энди жонга ҳаловатли хабар эшитмайди...

Зайнаб ўқиган, билади: қадимда овруполик қиз-жувонлар бу дунё ҳаётидан тўйганларида роҳибалик ридосини эгниларига илганлар. Бу дунё ҳузур-ҳаловатларидан воз кечганлар. Зайнабга энди бу дунёда қандай ҳузур-ҳаловат қолди? Кундоши заҳаридан кўз юмган Кумушбиби ундан минг чандон бахтли эмасми экан? Дунёдан кетса ҳам бир неча муддат суйгани билан қовушди-ку? Муродига етди-ку? Унинг Отабегини ўлдирмадилар, ёқмадилар-ку! Унинг покиза баданига Ҳомиднинг нопок бармоқлари тегмади-ку?..

Зайнаб шу хилдаги хаёлларга чўри бўлиб ўтирганида баъзан онаси келарди. Онаси билан нимани гаплашсин? Онасининг қўлидан нима келади — йиғлашми? Онаси ҳар келганида «одамнинг тафтини одам олади, хонангда ётавермай, чиқиб, тенгқурларингга қўшилиб тур», деб тайинлайди. Онасининг айтганини қилиб, уларга ҳамсуҳбат бўлган тақдирда қандай наф олади? Кимнинг эри қанақалигини биладими, ё бозорда чиллаки узумнинг нархи қанча эканидан хабар топадими, ё машҳур қўшиқчи аёлнинг қанча ўйнаши борлиги ҳақида баҳслашадими?

Ўтган куни шундай бўлди. Онасини кузатиб қайтаётганида суҳбатлашиб ўтирган жувонларни босиб ўтиб кета олмади. Қоринларини қаппайтириб, юмшоқ ўриндиқларда ялпайиб, хунук бир алпозда ўтирган жувонлардан бири «келинг, овсин», деб уни даврага чорлади. Суҳбат мавзуи ўша қўшиқчию унинг ўйнашлари эди. Зайнаб бу гапларга тоқат қилолмай ўрнидан турди.
— Ҳа, овсин, гапимиз ёқмадими? — деди даврага таклиф қилган жувон.
— Ҳа, ёқмади, — деди Зайнаб.
— Вой савил, биз эшитганларимизни айтамиз-да.
— Ўша қўшиқчи хонимнинг қўшмачиси сизлар билган нарсаларнинг ярмини ҳам билмаса керак.

Жувон Зайнабнинг эрини эслатиб, чимчилаб, узиб оладиган бир гап айтмоқчи бўлди-ю, ким билан айтишаётганини унутмай «вой савил», деб лабини чўччайтириш билан кифояланди...

Онаси «одам тафтини одам олар» деб шуларни назарда тутган. Агар Зайнабнинг юраги кенгроқ бўлганида бундай бачканаликларга эътибор бермаган бўларди. Кенгга кенг дунё, торга тор дунё деганларидай, ҳозир унинг кўнглига ҳатто қил ҳам сиғмайди.

Зайнаб бу ерга келмасидан аввал, шодон кезлари ҳам тўпланиб олиб, ғийбат балчиғини титиб ўтирувчи хотинларни ёқтирмас эди. Баъзан ўқишдаги дугоналари ҳам шундай суҳбатни бошлаб қолишса «ўлларинг, қари кампирларга ўхшамай», деб нари кетарди. Хотинлар даврасининг бу даражада бемаъни бўлишини шу ерда аниқроқ билди.

Бу касалхонада унга далда бера олувчи, кўнгилга ором ҳадя этишга қодир биргина жувон — Мардона. Ҳамшира бўлиб ишловчи бу жувоннинг суяклари йўғон, юришлари қўполроқ бўлса ҳам, чиройли кўзлари ҳамиша кулиб турарди. Бир куни шу Мардона эмлашга кириб, ҳасрат дастурхонини ёйди. Севган йигити алдаб ташлаб кетгани, ундан бўлган боланинг ўлик туғилгани, сўнг эрга теккани, саккиз йилдан бери фарзанд кўрмаётганини айтиб, йиғлади. Дардига ҳамоҳанг гапларни эшитиб, Зайнабнинг унга раҳми келди. Шу-шу Мардона тез-тез кириб турадиган одат чиқарди. Кечки эмлашни Мардона бажарганида Зайнаб тиниқиб, ҳатто роҳатланиб ухлайдиган бўлди. Буни у Мардонанинг суҳбатлари асабларимни тинчлантиряпти», деб ўйлади. Онасига ҳам шуни айтди. Отасининг касалхонадан чиқариш ҳақидаги амрини эшитганида «унда уйга Мардона бориб турсин, хўжайинларига айтинг», деди.

Мардона ким ўзи, айтган гаплари чинми ё алдовми, на Зайнаб, на Манзура ўйлаб кўрди.

Қизлик пайтида Шомилнинг қўлига тушганича унинг хизматларини беминнат бажариб келишини улар қайдан билсинлар?

Асадбек ҳам шу масалада гўллик қилди. Хотинининг гапига осонлик билан кўна қолди. Орадан ойлар ўтиб бу гўллиги учун ўзидан ўзи нафратланди.

2

— Ҳофиз! Уйдамисиз?

Элчин таниш овозни эшитиб, ўрнидан ирғиб турди. Дарвоза остонасида овоз берган Чувринди жавобни кутмай, ўз уйига кираётгандай бемалол қадам босиб келарди.

Элчин шошилганича енги калта кўйлагини кийиб, унга пешвоз чиқди.
— Уйқуни пулга сотиб олгансиз шекилли, а? — деди Чувринди у билан кўриша туриб.

Элчин бу ҳазилга кулимсираб қўйиб, уни ичкарига таклиф қилди. Чувринди ичкарига киришга унамади.
— Ошиқ Мажнунингизнинг ишлари нима бўлди, Лайлиси билан қовушдими? — деб сўради у.
— Ҳалимжонми? — Элчин гап ким ҳақида кетаётганини фаҳмласа ҳам, сўраб олиб, сўнг жавоб берди: — Лайлисига етишибди. Қизнинг отаси келиб фотиҳа берибди. Шунга ўзи ҳам ҳайрон. Келиб раҳмат айтувди, сизга бу омонатни етказишни унутибман. Айб менда.
— Мажнунингиз ҳайрон бўлмасин. Лайлисига етишган бўлса яхши-да. Энди уни менга рўпара қилинг. Гапларингизга қараганда дуруст йигитга ўхшайди. Балки хизматга олармиз. Яхши одамлар қанотимизда бўлиши керак.
— Қачон учраштирай?
— Қанча тез бўлса, шунча яхши. Итнинг олдидаги суякни олсангиз ириллайди, а? Сиз Ҳосилнинг оғзидаги лаққа гўштни тортиб олдингиз. Мажнун бола шуни унутмасин. Тинч яшайман, деса биз билан бирга бўлгани маъқул. Нима дейсиз?

Элчин елка қисди:
— Ким билади, балки маъқулдир.
— Маъқул! — деди Чувринди кескин тарзда. Сўнг чўнтагидан машина калити билан ҳужжатини чиқариб, Элчинга узатди: — Биздан совға.

Элчин дарров тушунди. «Бу нима, нима кераги бор эди...» деб ўтирмади. Калитга бир оз тикилиб қолди. «Биздан совға? Нима учун «биздан», нима учун «Асадбекдан» эмас? Бу нима, «қизим билан аввалгидай яшайсан», деганими? Бусиз ҳам ажралиш ҳақида бирон ишора қилмовдим-ку? Бу даражада меҳрибонлик?..»

Унинг калитга тикилиб қолганини рад этишга чоғланиш, деб тушунган Чувринди изоҳ берди:
— Аслида совға эмас, қарзимиз бор эди.
— Қанақа қарз?
— Ўшанда машинангиз қаровсиз қолиб, қариндошларингиз сотиб юборишган эди. Чиққанингизда ўрнини тўлдирамиз, деб ният қилгандик. Сизга маслаҳатим— ортиқча гап-сўзни кўпайтирманг.
— Гап-сўзга ўрин йўқ, — Элчин қўлини узатди.
— Қойилман, ўғил бола! — Чувринди калитни унинг кафтига ташлаб, кифтига оҳиста уриб қўйди-да, изига қайтди. Остонага етганида тўхтаб, ўгирилди: — Бир соатдан кейин касалхонага боринг. Кеннойим кутиб турадилар. Зайнабга бугун рухсат беришди.

Элчин бир кафтидаги калитга, бир Чувриндининг орқасидан қараб жойида қотиб турди. «Савдо осонлик билан пишди. Баҳоим ёмон эмас». Элчин кўча томон юрди. Кўчанинг нариги бетида, дарахт соясида кулранг «Волга»ни кўрди-да: «Баҳоим зўр-ку!» Дуруст, арзон-гаров кетмабман», деб қўйди.

Элчиннинг машинани осонлик билан қабул қилганини кўриб Чувринди: «Кутган экан-да, мол-дунёга рўпара бўлганида ҳар қандай мард ҳам мўм тишлаб қолади. Бек акам етти қават ер остида илон қимирласа ҳам биладилар», деб ўйлади.

Унинг хулосаси хато эди. Элчин бундай совға кутмаган, ҳатто орзу ҳам қилмаган эди. Агар истаса, нари борса ярим йилда ўзи шундай машина сотиб олиши мумкин. Агар Зайнабда кўнгли йўқлигини бировга айтганида ҳам бу «совға»ни (ёки «қарз»ни) ўт қўйиб ёқиб юборса ёқиб юборардики, зинҳор-базинҳор қабул қилмасди.

Дастлаб Зайнабга мажбурият орқасидан уйландим, деб ўйлаган эди. Кейинроқ билсаки, Зайнаб у ўйлаган сал нарсага суюладиган ёки кибрланадиган қизлардан эмас. Унга нисбатан аста-секин меҳр, бошқачароқ айтилса, Ноилага бўлган муҳаббати мартабасида бўлмаса-да, шунга яқин даражада илиқлик уйғона борди. Шу илиқлик, гарчи гумон уйғотган бўлса-да, Зайнабнинг хиёнат ҳақидаги гапига ишонтирмади, ундан юз ўгиришга ундамади.

Гумон баъзан Зайнабнинг хиёнатига ишонтирмоқчи бўларди, юракни забт этган меҳр эса бунга йўл қўймасди. Элчин Зайнабдан юз ўгирган тақдирда Асадбек томонидан қандай «мукофот» тайин этилажагини ҳам фаҳм этарди. Лекин унинг шу «мукофот» қўрқувида яшаяпти, дейиш ҳақиқатга мутлақ зид бўлур эди.

Элчин фақат бир нарсадан — Зайнаб билан юзма-юз қолишдан, хотинининг ўша машъум гапни яна қайтаришидан, ишонтиришга ҳаракат қилишидан чўчирди. Элчин яхши билади — Зайнабнинг унда кўнгли йўқ. Лекин кўнгилсизлик ҳамиша хиёнатга бошлайвермайди. Кўп ҳолларда кўнгилсизлик ўти сабр суви билан ўчирилиб турилади. Элчин Зайнабни шундай деб билади. Агар Зайнаб бир неча кечадан сўнг суя бошлаганида, меҳри жўша бошлаганида унинг туйғуларига ишонмаган бўларди...

Мана ҳозир машинага ўтиради. Касалхонага боради. Қайнонасига дуч келади, сўнг хотини чиқади. Зайнаб машинани кўргани ҳамон «сизни сотиб олишибди-да», деган маънода нафрат билан қараб қўяр... Сўнг уйга келишар... Сўнг қайнонаси кетар...

3

Шундай бўлди: машинага ўтирди. Борди. Қайнонаси Зайнабни бошлаб чиқди. Зайнаб озиб, юзидан ранг қочган. Элчиннинг назарида у хаста эмас, балки янада сулувлашгандай туюлди.

Уйга қайтишгач, қайнонаси ошхонага кириб овқатга уннади. Зайнаб аввал хобгоҳга кириб, кийимини алмаштириб чиқди, сўнг ҳаммомга кирди.

Худди Элчин каби Зайнаб ҳам ёлғиз қолишдан, эри билан юзма-юз бўлишдан чўчиётган эди. Ошхонада эса Манзура ноқулай аҳволда: бир кўнгли тезроқ кетгиси келади, ҳарҳолда куёвининг кўзи олдида ивирсиб юриши маъқул эмас. Бир кўнгли қизини ташлаб кетгиси келмайди. Зайнаби эри билан ёлғиз қолганда нима дейди? Ўша гапини такрорламайдими? Элчин-чи? Нима дейди? Ўша гапни юзига солмайдими?

Манзуранинг қўли ишда, хаёли эса минг турли ташвиш кўчаларига кириб чиқади. Саволлар сел оқимидай бостириб келади. Қани эди, лоақал биттасига жавоб топа олса...

Сабзи-пиёзни қовуриб, сув солгунича Зайнаб ювиниб чиқиб, ошхонага, онасининг ёнига кирди.
— Гуручни ўзинг соларсан, мен борай, аданг кутиб ўтиргандирлар, — деди Манзура қизига ўтинч билан боқиб.
— Овқатланиб борсангиз-чи? Адамга телефон қилиб қўяйлик.
— Адангнинг феълларини биласан-ку?

Билади. Уйда адаси интиқ кутмаётганини, онасининг баҳонаси арзон-гаров эканини, кетгиси келмагани ҳолда шошилаётганини ҳам билади. Билгани учун ҳам ноилож елка қисиб қўя қолди.

Қайнонасини қайтмоқчи эканини билиб Элчин ортиқча илтифот қилиб ўтирмай:
— Олиб бориб қўяман, — деди.

Қайнонасини яхши кўрганидан ёки меҳри жўшиб турганидан эмас, Зайнаб билан ёлғиз қолишга юраги бетламаётганидан кузатмоқчи эди. Машинани кўз-кўз қилиб миниб боришга тоқати йўқ эди, аммо начора, Асадбекнинг хотини автобусда кетмайди- ку?

Элчиннинг хавотири ўринсиз эди. Кўчага чиқиб «Волга»сининг рўпарасида «Жигули» кўрди. Манзура улар билан хайрлашиб, ёшларни дуо қила-қила ўша «Жигули»га чиқиб ўтирди.

«Ҳали ҳам нодонман. Кимлар билан гаплашаётганимни унутиб қўяман», деб ўйлади Элчин.

Ҳовлига қайтиб кириб, икковлари кўз уриштириб олдилару айтарга гап тополмадилар. Зайнаб нима қиларини билмай ошхона томон бир-икки қадам қўйиб, тўхтади-ю, орқасига ўгирилиб сўради:
— Гуручни солаверайми?

Элчин беихтиёр соатига қаради:
— Ҳали эрта-ку?
— Бировни кутяпсизми?
— Йўғ-а...

Алдади. Кутяпти. Касалхона йўлида аммасиникига кириб «тез боринг», деб тайинлаган эди. Амма «шундай бозорга кираману чиқаман», девди. Унинг «кираману чиқаман» дегани камида икки соат вақтни олар. Шунинг учун ҳам Элчин соатига қараб олган эди.

Яхшики, қўни-қўшнилар бор. Яхшики, хотинларнинг «разведкаси» зўр ишлайди. Зайнабнинг қайтганидан хабар топган аёллар йўқлаб чиқишди. Сўнг «бозорга бирровгина ўтган» аммаси «шошилиб» етиб келди. Элчин бу ташрифлардан фойдаланиб, Анварникига бориб, Рисолат кампирни хабардор қилди. Оқшомда Анвар Хонзодаси билан келди. Шу зайлда шом қоронғусига қадар улар ёлғиз қолишмади.

Йўқловчилар кетгач, уларнинг уйларини ваҳимали сукунат забт этди. Телевизорда кино бошланди. Кинодаги гаплар, шовқинлар қулоқларига кирмайди, сукунат бу овозларни ҳам босиб кетган...

Элчин бу аҳвол узоқ давом этиши мумкин эмаслигини билади. Умуман... эр сулув хотин билан ёлғиз қолганида маъруза айтиши шартми?.. У Зайнабнинг ёнига ўтириб, қўлтиғи остига қўл юборди. Ўз хаёлларига банди бўлиб ўтирган Зайнаб чўчиб тушди. Эрига қаради. Бу қарашда «ўша гапдан кейин ҳам мени қучаверасизми?» деган маъно зоҳир эди. Элчин бу қарашнинг маъносини уқмагандай лаблари билан унинг лабларини излаб топди.

Тун бир оз таҳликали, бир оз гумонли, бир оз эса... ширин ўтди.

Қўрқув билан кутилган сўзлар айтилмади...

Бутунлай айтилмайдими ё вулқон каби куч йиғиб бир кунмас-бир кун отилиб, ҳаммаёқни вайрон қилиб ташлайдими? Буни ёлғиз Оллоҳнинг ўзи билади...

XVI боб

1

Шаҳар марказидаги уч қаватли уйнинг ертўласи кейинги пайтда гавжум бўлмай қолди. Янги раҳбардан қўрқибми, «Волга»ларда келувчи азиз меҳмонлар ҳам қадамларини тортишди. Асадбек бу ҳолнинг вақтинча эканини биларди. Катта янги иш бошлаганда майдароқларининг пайтавасига қурт тушади. Одобли, ишчан, ҳалол одамларга айланадилар. Каттанинг эътиборига тушиб ёки қўлтиғига кириб олгач, яна эски ҳунарларини бошлайдилар.

Асадбек ишончли нозик одамдан янги раҳбар-нинг аввалгиларига ўхшамаслигини эшитиб, тунги меҳмонларнинг иши пачава экан-да, деб қўйди. Айни чоқда, ўзининг ишларини ҳам мулоҳаза қила бошлади. Ертўладаги хонасига барвақт келганининг боиси ҳам шундай.

Асадбек уйдан чиққани ҳамон хабардор этилган Кесакполвон у билан кетма-кет етиб келди. Чувринди улардан илгарироқ келишни одат қилган, улар эса бунга кўникиб қолишган эди. Шунинг учун ҳам Кесакполвон хонага кириши билан:
— Маҳмуд кўринмайдими? — деб сўради.
— Маҳмуд Ҳофизникига бориши керак. Ундан онасини кўргани ўтмоқчи эди. Онаси оғир эмиш, — деди Асадбек.
— Оғир бўлса — ўлади, қайтага яхши, қутулади, — деди Кесакполвон юмшоқ ўриндиққа ястаниб ўтириб.— Мен бўлганимда бунақа онани заҳар бериб бўлса ҳам аллақачон ўлдириб юборардим. Маҳмудинг ғирт аҳмоқ, ўша шилтани «онам» деб юрибди. Ўлмаса яна юради. Ўлгани яхши-да.
— Бировга ўлим тилама. У Маҳмуднинг онаси. Нима қилишни Маҳмуднинг ўзи яхши билади, у сенинг ақлингга муҳтож бола эмас, — деди Асадбек қатъий тарзда. Кесакполвон бу мавзуда гапиришни бас қилиши лозимлигини уқди.

Асадбек «нозик» одамдан эшитганларини, ўзининг хулосаларини Кесакполвонга баён қилгач, буюрди:
— Орқа-олдингни ўнглаб олларинг. Айниқса сен қадамингни ўйлаб бос. Ҳозир майда-чуйда ишларга аралашмаларинг.
— Майда-чуйда деганинг нимаси, сен нима десанг шуни қиляпмиз-ку?
— Ўтган куни кимнинг машинасини топтириб бердинг?
— Ҳа, уми? Яхши танишлар ўртага тушишди. Мен топтириб бердим, шумо қилганим йўқ-ку?
— Топтириб берганинг — ўғирлаганинг бўлади. Ўзи ўғирлаб, соққасини олиб, қайтариб берди, дейишади. Машиналарини ким тинчитган бўлса, ўшанга боришсин. Биз уларни танимаймиз. Салом-алигимиз йўқ улар билан. Йигитларингга айт, дўконма-дўкон изғиб юришни тўхтатиб туришсин. Дўкондорларинг атаганларини ўзлари олиб келиб беришсин. Бергиси келмаганларга ҳозирча индамаларинг. Бунинг ўрнига тсехларнинг ишини кучайтир, савдо-сотиққа зўр бер, таксичиларингни тиндирма.
— Тушундим. Винзавод-чи?
— Винзавод ҳақида гап йўқ. У бизники, унга қарайдиган кўз ўйилади.
— Шунақа дейсану, лекин Ҳосилнинг ғимирлашига эътибор бермаяпсан. Ғилайи турмага борибди. Қилич билан учрашибди. Қилични сен чиқарасан. Хизматни эса унга қилса-чи?
— Ҳўкизнинг ўлгиси келиб, болтадан тоймаса, майли, кимга хизмат қилса қилаверсин. Ҳосил винзаводни тушида ҳам кўрмайди. Агар Қиличдан умидвор бўлса, бўлаверсин. Қилич нима? Пашшанинг юлинган қаноти. Пуф десак, учади кетади. Яхши танбеҳ бердинг, Қилич чиққач, у сеники. Ҳар қадамини пойлайсан. Сал тойдими, нима қилишни ўзинг биласан. Фақат шошилма, арқонни узунроқ ташла. Шарифнинг аҳволи қандай, қанжиғингни йўқотдингми?

Кесакполвонга сўнгги гап ёқмади. Қошларини чимирди. Асадбек буни сезиб, яна сўради:
— Ҳа, нимага чимирилиб қолдинг? Сендан гап сўрадим?
— Сенга ёқмаган ўша қанжиқ ҳақиқатпарвар ўша олимчангни гаҳ десанг қўлингга қўнадиган қилиб берди. Олимчангдан хавотир олма, даволаняпти.
— Цирканг сув кўтармаяптими? Бир нима десам дарров жириллайсан-а.
— Ўзинг ҳам баъзан оширворасан. Айниқса Маҳмуднинг олдида ер қилиб ташлайсан. Сен шунақа қилганинг учун у ҳам кўзларини лўқ қилиб менга ақл ўргатади. Ҳеч бўлмаса бошқаларнинг олдида ўйлаброқ гапиргин.
— Агар Маҳмуд ақл ўргатса хафа бўлма. У ўз жигарингдан аъло бола. Ақли ҳам жойида. Сен замонга қарамайсан. Сенга қолса ҳали ҳам кесак ўғирлаб юраверсанг...

Асадбек гапни ҳазилга бурмоқчи эди, Кесакполвон баттар тутоқди.

Думини гажак қилган чаён каби энди заҳрини солишга шайланганида эшик очилиб, Чувринди кириб келди. Унинг мунг шабадаси ялаб ўтган чеҳрасини кўрибоқ, иккови ҳам «онаси қазо қилибди шекилли» деб ўйлашди.

Чувринди акахонлари билан сўрашгач, одатдаги ўз ўрнига ўтирди. Асадбек унга савол назари билан қаради. Кесакполвоннинг эса сабри чидамади:
— Ҳа, онанг ўлдими? — деб сўради у.

Чувринди бош ирғаб қўйди. Асадбек эса Кесакполвоннинг қўпол муомаласидан ғаши келиб, унга норози қиёфада боқди.

Лутф деган тушунчадан бегона Кесакполвон бу қарашнинг, Чувриндининг жавоб ўрнига бош ирғаб қўйишининг маъноларини ҳам англамади.
— Ўлган бўлса, Худо раҳмат қилсин. Шу ерга кўмдирасанми?
— Қишлоққа олиб кетишади.

«Қишлоққа олиб кетишади», дейиши Асадбекни ажблантирди.
— Ўзинг бормайсанми? — деб сўради у.
— Боришни ҳам, бормасликни ҳам билмай турибман.
— Борма, — деди Кесакполвон. — Туғилганингдан бери онанг борми, йўқми, билмайсан. Кўмгани бординг нима-ю, бормадинг нима? Яна ҳам тириклигида қарадинг. Сенинг ўрнингда мен бўлганимда...
— Бўлди, чўзилма, — деди Асадбек.
— Хўп, чўзилмадим. Лекин битта гапимни айтиб олай: Маҳмуд, хафа бўлмагин-у, аммо мен сенинг ўрнингда бўлганимда унинг хор бўлиб юришларини, хор бўлиб ўлишини, хор бўлиб кўмилишини видеога олиб, телевизорда кўрсатардим. «Боласини ташламоқчи бўлганлар, кўриб қўйларинг, эрта-индин сенлар ҳам хорланасанлар», дердим.
— Ҳайдар ака, — деди Чувринди босиқлик билан, — қўйинг, бу гапларни. Ҳар бир нарсанинг сабаби бор. Ҳарҳолда мени... бошқаларга ўхшаб... ўйнашдан орттириб ташламаганлар.
— Мен мисол учун айтдим, кўнглингга олма.
— Мисол учун ҳам айтманг. Мисолни бошқалардан келтиринг.
— Бўпти, мен фас! — Кесакполвон шундай деб қўлини кўтариб, оёқларини чалиштириб олди.
— Сен бугун йўлга чиқ. Биз Ҳайдар аканг билан эртага фотиҳага ўтамиз, — деди Асадбек.
— Овора бўлиб нима қиласиз? — деди Чувринди.
— Унақа дема, ука, ҳурматинг бор. Маъракани ўтказиб келганингдан кейин иккаламиз Красноярга жўнаймиз.

Бу гап аъёнлар учун янгилик эди. Иккови ажабланиб Асадбекка қарашди.
— Красноярда нима қиласан? — деб сўради Кесакполвон.
— Отам топилдилар, — деди Асадбек. Кейин Анвардан эшитганларини қисқа тарзда айтди. — Қабрларини зиёрат қилиб келаман. Балки жасадларини шу ерга кўчириш керакдир, а?

Асадбек шундай деб Чувриндига қаради. У жавобга тараддудланиб, елка қисди:
— Бунақасини эшитмаганман. Муллалардан сўраб кўриш керак.
— Сен қайтишингда Собитхонга учра. Ҳолидан хабар олиб, баҳонада шуни ҳам сўрайсан. Бўпти, бошқа гап йўқ бўлса, сен боравер.
— Тўхта, гап бор, — деди Кесакполвон. — Кавказликлар хол қўйишибди. Ишкал чиқадиганга ўхшайди. Биттасини чет элга ўтказиб юборишимиз керакмиш. Унгача ҳеч нарса айтмасмиш. Тушуняпсанми, бўйнига олмасмиш.
— Ишни пишиқ қилганман, девдинг-ку?
— Иш пишиқ эди. Шартга кўнишган эди. Ҳайронман, бу аҳмоқ гапни уларга ким ўргатган экан? Хафа бўлмагин-у, Бек, шу ишда бир янглишдик.
— Сен янглишдинг. Мен ёқиб юборларинг, демовдим. Маҳмуд, нима дейсан?
— Нима дейин, ҳайронман?.. Прокурор уйимга келди. Тайин бир гап айтмади. Мурдани кавлатиб яна текширтирибди. Чайналиб-чайналиб қўйишидан бир балони яшираётганини фаҳмладим. Бошдаёқ ишни унга топширтириб хато қилдик. Ишончли одамлар билан битираверсак яхши эди. Тажрибасизини йўлга солиш қийинроқ бўларкан. Агар кавказликлар ростдан ҳам чет элни даъво қилишган бўлса, бошқа ишкаллик ҳам чиқади. Уларни бошқа турмага кўчиртиришлари ҳам мумкин. Бошқа турмага кўчса, биз ваъдани бажара олмасак, улар чидолмай қолишади. Терговчи шунда уларнинг ҳиқилдоғидан олади. Мана шуниси хавотирли.
— Хўш, нима қилиш керак, дейсан! — деди Асадбек бир оз асабийлашиб.
— Прокурор бола билан пачакилашмаслик керак, — деди Кесакполвон. — Кавказликлар чет элни хоҳлаб қолишган бўлса, яна яхши. Жўнаттирамиз. Фақат чет элдан сал нарироққа...
— Ўйлаб кўриш керак, — деди Чувринди.
— Нимани ўйлайсан? Уларни гумон билан қўлга олишдими? Гувоҳ танидими? Бўлди-да.

Асадбек Чувриндига қаради. Чувриндига бу тўхтам маъқул бўлмаса-да, хаёлига дурустроқ бошқа фикр келмади.
— Сен ҳозироқ ишга кириш, — деди Асадбек, Кесакполвонга қараб. — Аммо эҳтиёт бўл, латта ҳиди келмасин.
— Хотиржам бўлавер, кесак ўғирлайдиган замонларим ўтиб кетган, — деди Кесакполвон.

У ўрни келганда Асадбекни чўқиб олганидан хурсанд эди. Уларнинг суҳбатларидан бехабар Чувринди бу сўз ўйинига тушунмади.

2

Чувринди машина калитини Элчинга топширгач, онасидан хабар олгани ўтган эди. У дарвоза остонасида кўриниши билан уй бекаси шошилиб пешвоз чиқди-да:
— Вой, хайрият-э, нима қилишни билмай, ҳозир отин ойига бола жўнатдим. Ўқимаса бўлмайди шекилли? — деди.
— Тинчликми? — деди Чувринди, айвон томон хавотир билан қараб.

Уй бекаси бошини сарак-сарак қилиб, лабини тишлади.

Чувринди айвонга яқинлашди. Онасининг кўзлари юмуқ. Унинг ҳали жони бор эканини кўкрагининг дам-бадам сал кўтарилиб тушаётганидан билиш мумкин эди.
— Эгачи, ўғлингиз келдилар, — деди уй бекаси.

Бу гапни эшитиши билан онасининг юзлари учди. Кейин иккала кўзи баралла очилди.
— Яқинроқ боринг, салом беринг, кейин... розиликларини олинг, — деди уй бекаси.

Чувринди унинг амрига сўзсиз итоат этди. Онаси соғлом одамнинг овози билан алик олди. Буни эшитган уй бекаси ажабланиб, «астағфируллоҳ» деб қўйди-да, нари кетди.
— Худога шукр, келдинг, — деди онаси. — Бир гапни айтишим керак. Шунда балки мендан рози бўларсан, — онаси кўзини бир юмиб, очди. — Отангнинг қаерга кўмилганларини билиб ол: ҳовлимиздаги балиқтутдан икки қадам нарида. Темир сўрининг тагида.

Чувринди бу гап ҳақиқатми ё ўлим олдидаги алаҳсирашми, билмади. Яна нима гаплари бор экан, деб кўзларига тикилиб тураверди.
— Отанг рашкчи эдилар. Тоққа чиқиб кетсалар ҳам тез-тез хабар олиб турардилар. Мен унда... покиза эдим. Отанг тирикликларида сира хиёнат қилмаганман. Бунақа иш хаёлимга ҳам келмаган. Ўшанда пичанга кетдилар. Қайнонам... бувинг билан муносабатимиз яхши эмасди. Ғалати одатлари бор эди... у киши ҳам рашкчи эдилар, — онаси шундай деб кулимсирашга ҳаракат қилди, аммо бу кулимсираш озғин юзига аянчли тус берди. — Ёлғиз ўғилларини ҳатто мендан ҳам қизғанар эдилар. Отангни кечалари ҳам чақириб турардилар. Шунақа асрардилар. Лекин... асраган кўзга чўп тушишини билмаган эканлар. Отанг пичанга кетганларидан кейин бувинг билан айтишиб қолиб, уйимга кетдим. Сен ҳали қорнимда эдинг. Уйга кетганимни кимдандир эшитиб, бир куни қоронғи тушганида келиб қолдилар. Ортиқча гап-сўз бўлмади. Дадам, акам билан ўтириб ичишди, овқатланишди. Кейин ораларидан гап қочди. Ёқа бўғишиб қолишди. Дадам бир урган эдилар... йиқилиб, бошлари тўнкага урилди. Шу билан оппа-осонгина жонлари чиқди-кетди. — Онаси шундай дегач, кўзларини оҳиста юмди.

Чувринди бу ҳолни кўриб қўрқиб кетди: ўлдими?! Шунақа осонлик билан жон бердими? Йўқ, онаси ҳали тирик эди. Оғир нафас олди. Кўзларини очди.
— У кишини тут тагига кўмдик. Одамлар билиб қолса, дадам ҳам, акам ҳам кетар эдилар. Отангнинг бизникига келганларини одамлар кўрмаган экан, биздан гумон қилишмади. Мен эсам... уйга сиғмай қолдим. Отангнинг руҳлари у уйда ҳам, бу уйда ҳам таъқиб қилаверди. Тинчимни шаҳарда топмоқчи бўлдим. Тўғри ишлаб, тўғри юриб, тўғри яшамоқчи эдим. Одамлар дарров мени суюққа чиқаришди. Сени туғмасимдан олдин покиза эдим. Худога шукр, сен ҳароми эмассан. Сенга ҳаромнинг томчиси ҳам тегмаган. Бувинг билан буванг тирноққа зор эдилар. Шунинг учун ҳам сени уларга... қолдирдим. Ўзимнинг ота-онамга ишонмадим. Дадам бехосдан уриб ўлдирган бўлсалар ҳам ёмон кўриб қолувдим. Ўзимни оқламайман. Майли, сен ҳам оқлама. Гуноҳларимни биламан. Сени туғиб қайнота-қайнонам билан бирга яшайверсам ҳам бўларди. Сени ўғринча туғиб, ўғринча ташламаслигим керак эди...

Дадил айтилаётган гаплар аста ўчаётган шамдек сўна бошлади. Сўнгги сўзлар шамчироқ сингари титради. Кўзлар юмилди. Юмилиши билан бир томчи ёш ожиз киприклар орасидан сизиб чиқди. Шу дам дарвоза очилиб, бошига оқ рўмол ташлаган аёл кўринди. Уй бекаси шошилиб бориб уни кутиб олди. Аёл эркак кишини кўргач, юзини тўсди. Чувринди нари кетди.

Аёл айвонга чиқиб беморнинг ёнига ўтирди-да, аввал пичирлаб, сўнг овоз чиқариб дуо ўқиди, сўнг «Ёсин» сурасини ўқий бошлади. Чувриндининг онаси кўзларини юмганича ҳаракатсиз ётаверди. Аёл сурани ўқиб бўлиб, дам солгач:
— Эгачи, кўзингизни очинг, яқинларингиздан рози бўлинг, — деди. — Ўлим ҳақ. Ҳаёт Оллоҳ томонидан бизга берилган омонат. Муллака, яқинроқ келинг, сиз ҳам рози бўлинг.
— Розиман...

Биргина сўз... Тилдан учиши шунчалар оғирми? Юракда туғилган сўзнинг бўғиздан ўтиши нечоғли қийин кечди. Тилдан учиши эса янада мушкулроқ бўлди.

Ажабки... она-бола бу сўзни бир вақтда айтдилар...
— Энди, эгачи, «ла илаҳа иллолоҳ!» денг.

Онаси бу калимани эшитиб, кўзларини жавдиратди. Кимдандир нажот кутди, қийналди.
— Ла илаҳа иллоллоҳ, денг. Енгиллашасиз, — деди аёл.

Онаси кўзларини жавдиратиб, тўлғонди. Неча кундан бери ҳаракатсиз ётган вужуднинг қимирлаши ажабланарли ҳол эди.

Аёл гапини учинчи марта такрорлагач, онаси кўзларидан ёш чиқди. Титроқ овозда деди:
— Ай-толмаяпман...

Аёл пичирлаб дуо ўқиб, яна дам солди.
— Ҳеч бўлмаса «Оллоҳ!» денг.

Онаси яна тўлғонди. Кўзлари ола-кула бўлди.
— Ай-тол-майман...

Шундай деди-ю, кўзларини чирт юмиб, бўшашди-қолди. Аёл унинг жағини ушлади:
— Бўлди, — деб Чувриндига бир қараб олди.

Уй бекаси ёстиқ тагидан оқ рўмол олиб аёлга узатди. У марҳуманинг жағини боғлади. Кейин рўмолча билан оёқларнинг бош бармоқларини боғлашди...

3

Чувринди мурдани қишлоққа жўнатиш хусусида йигитларига топшириқ бериб, Асадбек ҳузурига йўл олганида дафн маросимига бориш ё бормаслигини ўзи ҳам аниқ билмас эди. Кўнгли боришга ундарди, юрагида уйғонган бошқа бир овоз эса «ўликнинг орқасидан нима деб борасан? Қўлингга ҳасса олиб, тобутнинг олдига тушиб «Вой, онажоним!» деб фарёд соласанми? Ҳаммага кулги бўласанми, ташландиқ бола!» деб йўлини тўсарди. Бу овозни ўчиришга ўзида куч топа олмади. Бу овозни Асадбекнинг амри бўғди.

Уч қаватли бино ертўласидан чиққач, онасининг жони узилган уйга борди. Йигитлари «Тез ёрдам» машинасида келиб, мурдани олиб кетишган экан. Уй бекаси одамгарчилик қилиб, уларга ҳамроҳ бўлибди.

Қишлоққа кечки салқинда йўлга чиқишни мўл, уйига кетди. Барвақт келганидан хотини ажабланди. Чувринди унга бўлган воқеани қисқа тарзда айтди. Хотини қайнонаси борлигини, унинг бир неча соат бурун жон берганини бугун эшитди.
— Нега аввал айтмаган эдингиз? — деди хотини ҳайратланиб.
— Бу сен аралашадиган иш эмас.

Хотини ортиқча гап айтиб юборганини фаҳмлаб, лабини тишлади.

Чувринди эса хотинига қўпол гапиришга гапириб қўйиб, афсусланди. Кўпинча шундай бўлади: нимадандир кўнгли ғашланганида уйга қайтгиси, оила даврасида ўтиргиси, хотинидан, болаларидан ширин гаплар эшитгиси келади. Баъзан ишни ўзи бузади: бугунгидай қўполлик қилади-ю, хотини-болаларининг юрагини олади, бечоралар гапиришга ҳам қўрқиб қолишади. Баъзан эса қандайдир арзимаган иш катта бир ташвиш кўринишида унга арз қилинади-ю, хуфтон кўнгли баттар зулумот қаърига чўкади.

Ҳозир уйига келишидан мақсад — бир оз дам олиш баҳона, аслида хотинига дардини ёриб малҳам бўлгучи сўз эшитиш эди. «Бу сен аралашадиган иш эмас», деганидан сўнг малҳам бўлгучи сўздан умид қилмаса ҳам бўлар.

Хотини унга бир қараб олди-да, айбдор одамнинг овози билан сўзлашга ўзида журъат топди:
— Адаси, мен ҳам борайинми?

Чувринди буни ўйлаб кўрмаган эди. Дарвоқе, борсинми? Борганида нима қилади? Келинлик вазифасини адо этиб «вой, онам»лаб додлайдими?
— Йўқ, — деди Чувринди, шуларни ўйлаб. Бир оз сукут қилди-да, сўнг қўшиб қўйди: — Бормайсан. Сен борадиган жой эмас.

Сўнгги гапни айтиши бежиз эмас. Онаси-ку, ўлди-кетди. Аммо бу хонадонда ҳали «бобо» деб аталиши лозим бўлган одам, «тоға» деб аталувчи киши, яна ўзи ҳам билмайдиган бир тўда қариндош-уруғлари бор. Улар кўп, уларни кўришга эса унда кўз йўқ. Ўзи уларни кўришга тоқат қилолмайдими, бас, хотинининг кўришига ҳам ҳожат йўқ.

Чувриндининг маъюслигини кўриб, акахонлари, айниқса Ҳайдар акаси, энди эса хотини «онасининг ўлимидан қайғуряпти», деб ўйлашди. Қайғургани учун Ҳайдар акасининг ҳатто ғаши ҳам келди. Тўғри, ўлим туфайли ҳам узорига қайғу кўланка солди. Аммо кўнглини кемираётган бу кўланка эмас, балки онасидан эшитган янгилик — отасининг тақдири эди. Аслида уни қишлоққа боришга ундаётган ҳам дафн маросими эмас, балки отасининг неча йилдан бери яширин ётган ерини кўриш, зиёрат қилиш эди.

Салқин хонага кириб ётди. Хотинига «ухлаб қолсам бир соатдан сўнг уйғот», деди. Шу аҳволда уйқу келар эканми? Ярим соатча у ёқдан-бу ёққа ағдарилиб ётгач, ўрнидан туриб ҳовлига чиқди. Енгил-элпи овқатланган бўлиб, йўлга тушди.

Қишлоққа кириб борганида хуфтон намозига азон чақирилмоқда эди. Онаси яшаган уй олдида уч-тўрт одам гаплашиб турарди. Чувринди машинасини улардан ўн-ўн беш одим нарида тўхтатди. Машинадан тушиши билан турганлардан бири уни таниб, шошганича ичкарига кириб кетди. «Хабар қилгани шошиляпти. Менга ким пешвоз чиқаркин. Бобомми, тоғамми?» шу фикр хаёлига келиб, ижирғанди. Чунки ҳозир икковини ҳам кўришга кўзи йўқ эди.

Чувринди турганлар билан сўрашгач, эшик оғзида бир оз тўхтади. Бу ерда туриш ноқулайлигини билиб, йўлак сари икки-уч қадам қўйди.

Ҳовлига чироқлар ёқилган. Ана, тут дарахти кўриниб турибди. Сал нарида темир каравотнинг бир чети кўзга ташланади. Йўлакнинг охиригача борилса каравот баралла кўринади. Тут дарахти... темир каравот... одамлар ўтиришгандир... унинг остида эса... отаси...

Ҳовлининг чироқ нури етмаётган томонидан бир шарпа кўриниб, у томон юра бошлади. Ёруғ томонга ўтгач, бел боғлаган бақалоқ одамни таниди: «Тоғам-ку?» У ичкари киришни хоҳламаган эди. Ҳозир бу уйга келганидан, йўлакда турганидан афсусланди. «Эрталаб келиб кетсам ҳам бўларди», деб ўйлади. Энди вақт кеч, орқага қайтишнинг иложи йўқ. Тоғаси:
—Вой жигарим, онангдан айрилиб қолдик, — деб қучоқ очди.

Чувринди тисарилди. Уни уриб юборгиси келди. Лекин ўнлаб кўзлар тикилиб турганини фаҳмлаб ўзини босди. Қучоқ очиб келаётган тоғасига қўлини узатди. Тоғаси йиғламсираб бир нима демоқчи эди, гапини шарт узди:
— Темир каравот устида одам ўтирмасин!

Дағаллик билан айтилган сўз тоғани гангитди. Сўнг Чувриндининг нима учун бундай деганини тушуниб қўрқиб кетди-да:
— Хўп, хўп, жиян, — деди.
— Жиян ҳам дема, тилингни суғуриб оламан.

Маҳмуднинг келганини эшитиб ажабланган тоға, энди бу гаплардан сўнг тамом довдираб қолди.
— Эрталаб келаман, — Чувринди шундай деб шарт бурилди-да, машинасига қараб юрди.

Бу уйдан узоқлашгач, қаёққа боришини ўйлади. Болалиги ўтган уйда ҳозир бобосининг жиянлари туришади. Кириб борса, ҳарҳолда, бошлари осмонга етмаса ҳам, иззатини жойига қўядилар. Лекин ярим тунгача ўзига ёқмаган суҳбат билан банд бўлиши, кераксиз юзлаб саволларга жавоб бериши лозимлигини ўйлаб боргиси келмади. Болаликда орттирган дўстлариникига боришга ҳам нечукдир оёғи тортмади. Хаёлига Ҳовуз полвон келиб, машинани ўша ёққа бурди.

Ҳовуз полвонникида тунашни ўйламаган бўлса-да, бирров йўқлашни шаҳардаёқ кўнглига туккан эди. Ҳозир уникига бораётганидан ўзича қувонди. Аввало ўғлининг тақдирини билади, кейин полвоннинг суҳбатини олади, узоқ йиллик гуноҳдан фориғ бўлиш йўлида яна бир қадам қўяди.

Эшик оғзида машина тўхташи билан ичкаридан олти-этти ёшлар чамасидаги икки бола югуриб чиқди.
— Полвон тоғанинг неварасимисанлар? — деб сўради Чувринди, улардан тасдиқ жавобини олгач, буюрди: — Югур, бобонгни чақир.

Болалар ярим йўлга етмаёқ Ҳовуз полвоннинг овози эшитилди:
— Киравермайсанми, худди бегонага ўхшаб туришингни қара.

Чувринди Ҳовуз полвоннинг пешвоз чиқишини кутиб ўтирмай, ичкарига қадам қўйди.
— Келганинг яхши бўлибди. Эсли боласан, келишингни билувдим. Худо раҳмат қилсин, ким бўлсин, шу ёғоч отга барибир минади, — деди Ҳовуз полвон уни бағрига босиб.

«Ақлли одам, — деб ўйлади Чувринди, — «онангни бериб қўйибсан», демади, анави аҳмоққа ўхшаб «жигарим»ламади...»

Чувринди айвон баҳаво, шу ерда ўтирайлик, деган эди, Ҳовуз полвон «сен ҳам кичкина одам эмассан, иззатингни бил», деб ичкари уйга бошлади. Хонтахта атрофига икки қават кўрпача тўшалиб, лўлаболишлар ташланган эди. «Келишимни кутганми ё уй доим шундай ясатиғлиқ турармикин?» деб ўйлади Чувринди.

Келин салом бериб кириб, дарров дастурхон тузади. Бир пиёла чой ичарли вақт ўтгач, косаларда овқат киритилди.
— Уйингизни меҳмон босадиган пайтда келибман шекилли, — деди Чувринди қувлик билан. Ҳовуз полвон Чувриндининг уйида айтган гапини эслаб, кулимсираб қўйди:
— Йўқ, сен ошга тушган пашша эмассан. Эсингни таниганингдан бери уйимга энди келишинг. Мен бобонг билан ошна эдим. Бобомнинг руҳлари ором олсин, десанг, дўстларидан хабар олиб туришинг керак. Энди ёш бола эмассан, бунақа гапларга ҳам ақлинг етсин.
— Полвон тоға, сиз отамни билармидингиз?
— Йўқ, мен бу қишлоққа кейинроқ келганман. Лекин отангнинг йўқолганини эшитганман. Ҳар хил миш-мишлар юрарди.
— Қанақа миш-миш?
— Сўрайсан-а? Ўзинг эшитмаганмисан? Шаҳарда ўйнаши бор экан, ўша келиб ўлдириб кетган, деган гап-да.
— Ҳақиқатни ҳеч ким билмайдими?
— Нега билмайди? Худо билади.
— Мен ҳам... Ўлими олдида айтди.
— Билганинг яхши. Лекин энди фойдаси йўқ. Орада нима сир бор, билмайман. Лекин сирлигича қолавергани маъқул. Эсли боласан.
— Ҳа... — Чувринди хўрсинди. — Менга оғир мерос қолдирди. Бу сирни гўримга олиб кетаман.
— Овқатингни ич, кўзёшинг косага тушса, шўрванинг шўри чиқиб кетади.

Кўнгли эзила бошлаган Чувринди бу танбеҳдан сўнг бир оз енгил тортиб, жилмайиб қўйди.

Келин косаларни олиб чиққач, Ҳовуз полвон чой қуйиб узатди-да:
— Ўғлим эсон-омон чиқиб келди, раҳмат, — деди.
— Қани ўзи? — деб сўради Чувринди.
— Тоққа чиқиб кетди. Ўт ўряпти.
— Мен билан бирга кетсин.
— Йўқ, кўз олдимда бўлсин. Сенинг ишингни биламан, қалтис. Бугун ошиғинг олчи, эртага қарабсанки... Ке, қўй, меҳнат билан бўлаверсин. Ёрдаминг керак бўлиб қолса, югуриб боравераман.
— Унда уйлантириб қўйинг. Бевош юрмайди.
— Ҳа, мўлжал бор. Хашакдан тушсин-чи.
— Хизматнинг каттасини менга юклайсиз. Ҳофиз мендан. Гарнитурни бу томонларда куёв томон олади, а?
— Бе, — Ҳовуз полвон кулимсираб, қўл силтади, — шу уйга гарнитўрми? Қўйсанг-чи! Битта сандиқ, тўртта кўрпа-кўрпача билан турмуш-тирикчилигим ўтди. Гарнитўри керакмас. Худо бахтини берсин. Гарнитўрига тилла чойнак-пиёлаларни териб қўйса-ю, Худо бахтини бермаса ҳаммаси бир пул.
— Бу гапингиз ҳам тўғри. Лекин... мен шу ўғлингизни укамдай кўриб, тўйига бош қўшсам, девдим.
— Тўйга айтиб бораман, хотиржам бўл.

Яна бир оз гаплашиб ўтиришгач, ош кирди. Ошни еб, дастурхонга фотиҳа ўқилиши билан Ҳовуз полвонни кимдир чақириб келди. У ташқарига чиқди-ю, дам ўтмай қайтди.
— Тоғанг келибди, кир десам кирмайди, ўзингга айтадиган омонат гапи бор шекилли, чиқа қол.

Тоғаси ҳовлига киришга ҳам ботинмай, кўчада турар эди. Чувринди уни зўр бир ташвиш етаклаб келганини сезди. Эрталаб синглисини дафн этадиган одам расман жиян деб аталувчи меҳмонни бекорга йўқламайди. Чувринди тоғасининг ташвишини англаб турса ҳам ўзини билмаганга олди-да:
— Ҳа, тинчликми? — деб қўйди.
— Дадам юбордилар, нимага олиб кирмадинг деб, мени анча койидилар. Борсангиз яхши бўларди.
— Шуни айтгани келдингми?

Тоғасини сенсираши Чувриндининг ўзига ҳам хунук туюлса-да, сизлашга тили бормади. Тоғаси эса бу сенсирашни бўлажак хунук бир воқеанинг даракчиси сифатида қабул қилди. Кексайиб қолган одамнинг довдираши ғалати бўларкан. Айтадиган гапини ҳам йўқотган тоғаси шу топда иштонини ҳўл қилиб энди онасидан шапалоқ кутаётган бола ҳолида эди. Чувринди «ўл, бу кунингдан», деб ўйлаб, унинг бу ҳолидан нафратланди, айни ўринда кулгиси ҳам келди.
— Эрталаб бораман.
— Жанозани бомдоддан кейин ҳовлида ўқийдиган бўлишди.
— Хўп, яна нима демоқчисан? Гапинг бўлса, айт, ичингда қолиб, сасиб кетмасин.

Тоғаси дардини айтиши учун ундан фатво олган бўлса ҳам бир оз жим тургач, кейин аста сўз бошлади:
— Менга раҳмингиз келмаса ҳам, отамга жабр қилманг. Қариганда шу азоблар каммиди? Кўз кўрмаса, чап қўл-оёқ ишламаса, Худо ҳеч бир бандани бундай қийнамасин. Чақалоқдай бўлиб қолганлар...
— Унга бу азоблар ҳам кам, — деди Чувринди совуққонлик билан.
— Улғайганингизда ўзимиз айтмоқчи эдик. Синглим йўл бермади. Охири ўзи айтибди... Биз гуноҳкормиз... Лекин... атайин бўлмаган. Тасодиф... тўғри, жиян дейишга ҳаққим йўқ, лекин... қонимиз бир...
— Бекор айтибсан! Йигитнинг томирида отанинг қони оқади, тоғанинг эмас! Нимага келдинг, чайналмасдан мақсадингни дангал айт!
— Мақсад... мақсад... гуноҳимизни кечинг, ўтган ишга...
— Салавотми? Ўрага сичқон тушди, гулдир гупми?— Чувриндининг қони қайнади. «Булар мени ким деб ўйлаяпти? Ҳаммаёқни ағдар-тўнтар қилади, милиса чақиради, қаматади», деяптими, қанақа аҳмоқ экан булар? Шуларни қаматишдан бошқа ишим йўқми? Тўхта, сени бир бопламайми...» Чувринди бир шум қарорга келиб, қатъий тарзда деди: — Эрталаб милиса келиб, каравотнинг тагини кавлайди. Кейин нима бўлиши ўшанда билинади.
— Йўқ, йўқ... жон... ука... ундай қилманг. Отамга раҳмингиз келсин... — Тоғаси энди росмана йиғламсиради. Тиз чўкиб ялинишга тайёр ҳолга келди.
— Менда раҳм йўқ, — деди Чувринди. — Раҳм нима қилсин. Шаҳарда дайдиб юрганимда раҳм-шафқат деган ҳислар ўлиб бўлган. Одамга меҳр она сути билан киради? Ҳа! Менда меҳр нима қилсин? Мен ёввойи одамман. Фақат одам гўшти емайман. Лекин одамни қийнаб, роҳатланаман. Сен отанг билан бирга қамоқда ўлиб, ўша ерда чирийсан. Қайтага болаларингга яхши. Ўликларингни кўмишга сарф-харажат қилиб ўтирмайди. Ҳукуматнинг ўзи чиройли қилиб жойлайди. Ўликларингни қизиб турган ўчоққа тиқади. Мурдаларинг худди тирик одамдай уч-тўрт марта сакрайди-ю, кейин бирпасда кулга айланади. Сенларнинг турган-битганларинг икки ҳовучгина кул.

Чувринди айтган бу гапларни эшитишнинг ўзиёқ даҳшат эди. Мурданинг ёниш олдидан сакрашини кўз олдига келтирган ҳар қандай одамнинг баданида енгил титроқ туриши тайин. Чувринди тоғаси билан бобосини шу дунёнинг ўзидаёқ дўзах оташига ҳукм қилаётган эди. У крематорийни ўзи кўрмаган, кўрганлардан эшитган, эшитиб бир сесканиб тушган эди. Ҳозир тоғасини ҳам шу ҳолга солмоқчи эди. Тоғаси сесканиш нима экан, биратўла жон таслим қилай деб қолди. Ялиниш учун эмас, оёқларида дармон қолмагани учун тиз чўкди.

Чувринди сўкиниб, елкасидан ушлади-да, турғизди.
— Аввал ҳам палид экансанлар, палидликларингча қарибсанлар. Аслида сен хунасаларнинг киндикларингдан бўғизларинггача тилиб ташлашим керак эди. Мен милиса билан иш битирадиган ҳеббим эмасман. Мени шунақа паст кетади, деб ўйладиларингми? Мен синглингнинг айтганларини тўғри ё нотўғрилигини билгани келдим. Отангни Худонинг ўзи уриб қўйибди-ку, мен туртиб нима барака топдим. Бориб айт, тинчгина ўлаверсин. Ўлганидан сўнг жаноза ўқишади, олиб бориб кўмишади. Кейин биттаси туриб «қанақа одам эдилар?» деб сўрайди. Ҳамма «яхши эди, Худо раҳмат қилсин», деб тарқайди. Сенинг ҳам кўнглинг жойига тушади. Хўш, мен-чи? Жанозаси ўқилмаган, молдай кўмиб ташланган одамнинг ўғли нима қилишим керак? Жўна, турқинг қурсин...

Тоғаси бошини эгганича, битта-битта оғир қадамлар босиб изига қайтди. Чувринди унинг қораси ўчгунича ҳаракатсиз туриб қолди. Сўнг «Полвон тоға!» деб чақирди. Ҳовуз полвон айвонда, уларнинг гапларини эшитиб, ҳайрат тузоғига банди бўлиб ўтирарди. Чувриндининг чақирувидан ўзига келиб, ёшига хос бўлмаган чаққонлик билан ўрнидан турди-да, кўча томон юрди.
— Полвон тоға, кетяпман.
— Ие, жанозага қолмайсанми?
— Йўқ... қололмайман. Жаҳл устида яна бир нарса қилиб қўймайин.
— Ўзинг биласан... Эсли боласан, аммо қаттиқ гапириб юбординг.
— Энг юмшоқ гапирганим шу. — Чувринди шундай деб хайрлашиш учун қўл узатди.

XVII боб

1

Анвар қия очиқ турган эшик ортидан Чувриндини кўриб, юраги «шиғ» этиб кетди. «Наҳотки тўғри бўлса?» деб ўйлади. Шу ўй хаёлидан ўтиши билан «Биз қачон сени алдаган эдик?» деган овозни зшитгандай бўлиб, юришдан тўхтади. Буни кўриб Чувринди кулимсиради:
— Ҳа, Анварбек, бирон нима эсдан чиқдими? — деди қувноқ оҳангда.

Чувриндининг жарангдор овозидан Анвар ўзига келди. Қадамини тезлатиб юриб борди-да, кўришиб, сўнг уни ичкарига таклиф қилди.
— Эртага Красноярга жўнайдиган бўлиб турибмиз. Бирга борасизми, деб келдим, — деди Чувринди, ичкарига киришга унамай.
— Красноярга? Нима учун? — Анвар уларнинг Красноярскка нима учун боришларини билса ҳам атайин сўради. Чувринди «наҳот билмасангиз?» дегандай қараб қўйиб, сўнг жавоб берди:
— Бек акамнинг оталарини зиёрат қилгани кетяпмиз.
— Ким?
— Бек акам, мен, борсангиз — сиз, яна Бек акамнинг бир жонажон оғайнилари. Улфати чор — анда маза бор, дейишади-ку? Чор улфат бўлиб бориб келамиз.

Анвар тунги топшириқни эслаб, ўйланиб қолди.
— Агар борадиган бўлсангиз, эрталабки саккизда тўғри аеропортга чиқаверасиз. Майда-чуйда олиб юрманг. Йўқ, яхшиси соат етти яримда шу ерга машина келади.
— Бормасам керак, узримни айтиб қўйинг, — деди Анвар хомуш тарзда.
— Эрталабгача бир гап бўлар, — Чувринди шундай деб, машинаси томон юрди.

Анвар унинг машинаси кўздан йўқолгунича турган жойида қотди. Сўнг бурилиб, ичкари кирди-да, ярим йўлда яна тўхтади. Деразасига қараганича туриб қолди.

...Кеча тунда худди шу деразадан нур оқиб кирган эди. Йўқ, аввал ширин уйқудаги Анварни кимдир туртиб уйғотгандай бўлди. «Хотиним уйқусираб туртдими?» деб ўйлади. Йўқ. Хонзодаси ўрин четида, орқа ўгирганича беозоргина ухлаб ётибди. Анвар, уйқуси тўла очилмасидан, таниш овоз эшитди:
— Сени биз уйғотдик...
— Нимага? — деди Анвар ажабланиб. — Безовта қилмаймиз, деган эдинглар-ку?
— Ҳа, сени биз безовта қилмаймиз. Ўзинг чақирдинг. Тур ўрнингдан.

Анвар буйруққа итоат этиб, ўрнидан турди-да, қўшни хонага чиқди. Хона ёришган, деразадан нур оқиб кирган эди.
— Мен сизларни чақирмадим.
— Тилинг билан чақирмадинг. Лекин дилдан истадинг. Биздан нажот кутдинг. Бир неча маротаба чақиришга чоғландинг. Лекин журъат этмадинг. Қўрқдинг.
— Бўлмаган гап! Мени қўрқоқликда айблашга ҳаққингиз йўқ!
— Ботирмисан? Ботирни ҳам, қўрқоқни ҳам бир илдиз қовуштириб туради. Ботир бир ишни қилишга жазм эта олгани учун ботир, қўрқоқ эса ўша ишни қилмай қочгани учун қўрқоқ.
— Бу фалсафангиз ноўрин.
— Баҳслашма, муддаога кўч.
— Мен домла Иноятуллони кўришим керак.
— Мумкин эмас, ижозат йўқ.
— Ҳақиқатни аниқлашим зарур.
— Ҳақиқат шуки, Ҳикмат Ўролов айбсиз айбдор. У Иноятуллога хиёнат қилмаган.
— Ҳақиқатни билмоқчиман, менга исбот керак.
— Ҳақиқатни сенга Ҳикмат Ўроловнинг ўзи айтади. Унга ишон.
— Қачон?
— Тонг отгач, сени Асадбекнинг одами йўқлаб, сафарга чорлайди. Сен у ёққа борма. Хизмат жойингда сени нохушлик кутади. Сен ўзингни йўқотма. Ҳеч ким билан айтишма. Тўғри Ҳикмат Ўроловнинг уйига бор. Гапларини эшит. Сўнг, биз уни олиб кетамиз...
— Йўқ! — Анварнинг овози худди жон таслим қилаётган одамникидай бўғилиб чиқди. — Йўқ! — деб такрорлади у. — У яшаши керак!
— Унинг руҳи оромга муҳтож.

Шу гапдан кейин Анварнинг қулоқлари шанғиллади. Нур йўқолди. Терга ботган Анвар дераза олдида яна узоқ туриб қолди...

Ҳозир Чувриндини кузатгач, тунда эшитганлари ҳақиқатга айлана бошлаганидан қўрқди. Ҳа, қўрқди. Лекин уни бу ҳолатда қўрқоқликда айблаб бўлмас. У айни дамда ожиз эди. Бўлажак воқеаларга тўғаноқ бўла олмасди. Бўлажак нохушликларни изига қайтаролмасди. Мана шу ожизлик унинг юрагига қўрқув соларди.

Ана шу қўрқув билан ишга отланди. Шу қўрқув билан хонасига кирди.

2

Ҳамхоналари бирин-кетин келдилар. Хомуш ўтирган Анвар улар билан бош ирғаб сўрашди. Яхши кайфиятда кириб келган Гулнора унга бир қараб олиб «нима бало яна айнияпти шекилли?» деб ўйлади-да, сумкасидан газит чиқариб, ўқий бошлади. Унинг бу ҳаракати Анварнинг зийрак назаридан четда қолмади. «Газит ўқийдиган бўлиб қолибдими?» деб ажабланди. Дам ўтмай хонага «енг кичик илмий ходим» кириб, Анвар билан қўшқўллаб сўрашди-да, газит ўқиётган Гулнорага ғалати қараб қўйди.

Хонада ўлик сукунат ҳукмрон эди. Аёлларнинг ўзаро пичирлашиб олишлари ёки нарх-наво янгиликлари ҳам нечукдир кун тартибидан ўчирилган. «Ғалати кун, — деб ўйлади Анвар. — Бу сукут ниманинг аломати? Вулқон портлаши арафасидаги осойишталикми бу? Булар бир нимани билишади, мен эсам билмайман... «Энг кичик илмий ходим» ҳам нимадандир хабардорга ўхшаб ўтирибди. Мен нима учун бехабарман? Нима учун меровсираб ўтирибман?» Анвар бунақа кутишга, бундай сукутга тоқат қиладиган тоифадан эмас. У «енг кичик илмий ходимга» савол назари билан тикилди. У аввалига бу қарашга дош беролмай, нигоҳини олиб қочди. Кейин ўрнидан турди-да, Анварга яқинлашиб, газитни узатди. Анвар газитни қўлга олганида Гулнора «Вой, тавба-э», деди-да, ўрнидан туриб, хонадан чиқди. «Энг кичик илмий ходим» эса жойига қайтиб, Анварга айбдор одамнинг нигоҳи билан қараб қўйди.

Анвар «мени кутаётган нохушлик шу ерда шекилли?» деган ўй билан газит саҳифаларига кўз югуртирди. Унинг нигоҳи сарсари кезмади. Бир қарашдаёқ Холидийнинг номини топди. Катта ҳарфлар билан терилган «Жанозасиз кетганлар» деган сарлавҳа устида «профессор Холидий» деб қўйилибди. Анвар мақолани ўқимаёқ, гап нимада эканини англади.
— Ҳаммаси равшан! — деб газитни ғижимлади-да, «енг кичик илмий ходимга» қаради: — Домла Иноятулло ва Ҳикмат Ўролов ҳақида, шундайми?
— Шундай... Лекин... охиригача ўқинг.

Анвар газитни қайта текислаб, мақолани нафас ютиб ўқий бошлади. Холидий Сталин замонасидаги қатли ом натижасида илм, хусусан, тарих илми нечоғли таъқибга учраганини ёза туриб, кўплар қатори ўзининг ҳам азият чекканини қистириб ўтиб, сўнг гапни домла Иноятулло тақдирига бурган эди. Домла ўзига яқин олиб юрган, ҳатто «шогирдим» деб фахрланган бир гуруҳ олимларнинг унга хиёнат қилгани ҳам айтилган, ўша «бир гуруҳ» орасидан фақат Ҳикмат Ўроловнинг номигина зикр этилган эди. Анвар «Хотин кишининг макри қирқ туяга юк бўлади, дейдилар. Холидийнинг макри қирқ эмас, қирқ минг эшелонга юк бўлар-ов», деб юрарди. Бу мақолани ўқий туриб фикрини ўзгартирди: «Унинг макри қирқ миллион эшелонга юк бўла олади!» Холидийнинг ким экани, юраги оқми, қора эканини билмайдиганлар бу мақолани ўқигач, уни азият чеккан, куюнчак олим сифатида қабул қилишлари шубҳасиз. Газитни минглаб одамлар ўқийди. Энди кимга бориб «аслида Холидийнинг ўзи аблаҳ, Ҳикмат Ўролов ҳалол одам», деб ишонтириш мумкин?

Анварни кутаётган нохушлик мақоланинг сўнгида эди:

«...Мен ҳужжатхонада ўтириб бу далилларга дуч келгач, кўзларимга ишонмадим. Яқин дўстимнинг шундай сири борлигига ажабландим. Ана шунда бошқа бир ҳужжатларни ўрганиб ўтирган иқтидорли олим Анвар Сатторовичга ўқиб берган эдим, у жўшиб кетди. Ҳа, ҳалол одам деб юргани бундай мунофиқ бўлиб чиқса чидаш қийин. Анвар Сатторович чидай олмади. Кўзда ёш билан ҳужжатхонани тарк этди...»

Анвар газитни ғижимлади, сўнг пора-пора қилиб йиртди. Кейин ўрнидан туриб, Гулнора ўтирган столга яқинлашди-да, ундаги газитни ҳам поралаб ташлагач, столни зарб билан тепди. «Энг кичик илмий ходим» югуриб келиб, уни елкасидан қучоқлади.
— Анвар ака, ўзингизни босинг. Ҳеч ким ишонмайди бу гапларга.
— Мен бор эдим ўша ерда, ўқиб берган эди, мараз! Шуларни ёзиш учун атай борган у ҳароми!

Шу пайт Анварнинг қулоғи шанғиллаб, кўзлари тинди. Таниш овоз эшитилди: «Ҳикмат Ўроловникига бор...»

Анвар «енг кичик илмий ходим»нинг қучоғидан бир юлқиниб бўшади-да, тез-тез юриб, хонадан чиқди. Овознинг ҳукмига бўйсунмай Холидийнинг хонасига борди: эшик берк... Ўлмас Акрамнинг эшиги ҳам берк... Ҳатто котибаси ҳам йўқ. Анвар эгасиз эшикни тепиб, бўралаб сўкди-да, овознинг буйруғига итоат этиб, Ҳикмат Ўроловнинг уйига қараб кетди.

Ҳикмат Ўролов шаҳар марказида, олимлар учун махсус қуриб берилган икки қаватли уйда яшарди. Эшик қия очиқ бўлса ҳам Анвар қўнғироқни босди. Дам ўтмай остонада Ҳикмат Ўроловнинг хотини кўринди. Эрини бениҳоя тарзда иззат қилувчи, ҳар қандай бетаъсир шамолдан асрашга интилувчи, сочлари текис оқарган хушрўй, хушмуомала бу аёл барчани ширинсўзлиги билан мафтун этарди. Ҳозир ҳам Анварни меҳрибонлик билан қаршилади.
— Келганингиз яхши бўлди. Домла сизни жуда яхши кўрадилар. Кўп гапирадилар. Анча вақт кўринмадингиз, хавотирландилар.

Анвар нима дейишни билмади. «Тобим йўқ эди», деса, жиннихонадан чиққанига ҳам ярим йил бўлди. Бирров келиб кетиши мумкин эди...
— Айб менда, эътиборсизлик қилдим, — деди Анвар дангал.

Аёл бу гапни эшитиб, ширингина жилмайди-да, бошини сарак-сарак қилиб, деди:
— Ундай деманг, жон ўғлим, ёшларнинг ишлари, ташвишлари кўп бўлади. Энг муҳими, дилингизда тутган бўлсангиз бас.

Анвар остона ҳатлаб ичкари кириб, тўхтади.
— Нега тўхтадингиз, кираверинг.
— Домла... ўқидиларми?
— Ҳа... — аёл маъюс жилмайди. — Лекин сиз қайғурманг. Бу ҳали фожиа эмас. Биз бундан баттарларини-да кўрганмиз.
— Ҳаммаси туҳмат...
— Қайғурманг, деяпман-ку. Домлажон мутлақо эътибор бермадилар. Одатдагидек китобхоналарида иш билан бандлар. Юринг, юраверинг....

Анвар уй бекасининг изидан иккинчи қаватга кўтарилди. Бу уйдаги меҳмон кутишга мўлжалланган энг катта хона китобларга ажратилган. Тўрт девор гир айлана, ҳатто эшик-деразаларнинг ёнлари, тепаларига ҳам тахтачалар қўйилиб, китоблар терилган. Кўча томонга қараган катта дераза ёнида ёзув столи. Икки кишининг суҳбатлашиб ўтиришига мўлжалланган иккита юмшоқ ўриндиқ, пастак курси... Катта хонанинг жиҳозлари шулардан иборат.

Ҳикмат Ўролов юмшоқ ўриндиқлардан бирини банд этган, қўлида қадимдан қолган китоб. Кўзлари китоб саҳифасига қадалган, хаёли эса нима биландир қаттиқ банд эди. У зинадан кўтарилаётган икки кишининг шарпасини сезмади. Анвар унинг ўтиришига қарабоқ, иш билан банд эмаслигини фаҳмлаб, ўгирилди-да, уй бекасига савол назари билан қаради. Уй бекаси бошини чайқаб қўйиб, енгил йўталди. Ҳикмат Ўролов бунга ҳам эътибор бермади. Шунда Анвар баландроқ овозда салом берди.

Хаёл чангалидан юлиб олинган Ҳикмат Ўролов чўчиб тушди-ю, аммо сир бой бермай алик олди-да, ўрнидан туриб Анварга қучоқ очди.
— Қўнғироқнинг чалинишидан сиз келганингизни билувдим. Сиз астагина, одоб билан чаласиз, — деди у Анварни бағрига босиб. — Хурсандман, меҳрибоним, хурсандман. Қани, ўтирсинлар. Ҳозир иттифоқо мавлоно Румийни ўқиётган эдим. Бир ривоят хаёлимни ўғирлади. Ўқиб берай, эшитинг. Маликам, сиз ҳам тингланг. Гапни чўзмаслик учун мазмунини айтайинми?
— Мен ўзим ўқиб оларман.
— Дуруст. У ҳолда чойни шу ерда ичамиз. Икки олимнинг суҳбати китобхонада кечгани маъқул.

Уй бекаси изига қайтгач, Ҳикмат Ўролов муқовасига ямоқ тушган китобни варақлади. Анвар ёзув столидаги газитни кўрган, домланинг атайин гапни чалғитишга уринаётганини фаҳмлаб турарди.
— Сиз якан нима эканини биласиз, а? — деб сўради Ҳикмат Ўролов.

Анвар бу сўзни эшитган, аммо нимани англатишини аниқ билмас эди. Шу боис ўйланиб қолди.
— Фақат пул, деманг. Отарчилар бир пайтларда пулни «якан» дейишарди. Якан — ўсимлик, қамишзорда ўсади. Яканни ўриб олиб, қуритиб узум осадилар, ёки сават қалпоқ тўқийдилар. Қамиш, биласиз, узун. Якан эса пастак ўсимлик. Хуллас, якан бир куни қамишга қараб: «Ў, биродар, ҳадеб ғўдаяверма, сал эгил, Оллоҳнинг қуёши нуридан биз ҳам баҳраманд бўлайлик», дебди. Қамиш унга қарагиси ҳам келмай, бурнини жийириб қўйибди. Вақти-соати келиб қамишни ўрибдилар. Сўнг яканни. Тасодифни қарангки, ўша қамишдан ясалган бўйрани бир уйга тўшабдилар. Шу уй тўсинларига эса узумни осибдилар. Якандан тўқилган сават қалпоқни деворга илибдилар. Орадан кунлар ўтаверибди. Қамиш пастда, якан эса тепада экан. Охири қамиш тепадаги яканга зорланибди: «Мени ўриб олиб қуритдилар, тепкилаб қовурғаларимни синдирдилар, сўнг сувга бўкдилар. Сўнг қайириб букиб, бўйра ҳолига келтирдилар. Энди эса ҳар куни тепкилайдилар. Бу ҳам етмагандай бир четимни қайириб, тупурадилар...» — Ҳикмат Ўролов шундай деб кулимсиради: — Нос тупурсалар керак-да, а? Хуллас, қамишнинг ҳасратидан чанг чиқибди. Шунда якан дебди-ки: «Сиз бекор ғўдайдингиз. Ғўдайиб ўсавердингиз. Аммо ичингиз ғовак эканини унутдингиз. Ғовак бўлганингиз учун ҳам тепкиланишдан бўлак нарсага ярамадингиз. Ҳали ҳам кеч эмас. Сиз ўсган ерингизда илдизингиз қолган. Уларга етказинг, сизнинг ҳолингизга тушмасинлар...» — Ҳикмат Ўролов шундай деб Анварга савол назари билан тикилди: — Ғаройиб ривоят, шундай эмасми? Қамиш ўриб олинаверади, келгуси йили эса илдизидан яна ўшандай қамиш ўсиб чиқаверади. Бечора оқибатда қандай хор бўлишини билмай ғўдаяверади. Оёқ остига ташланмай, томга тўшасалар ҳам барибир башарасига лой чаплайдилар... Қисмати оғир... аммо у якан бўлолмайди...

Ҳикмат Ўролов шундай деб иягини қашиб қўйди. Шунда Анвар бармоқларнинг енгил қалтираётганини кўрди. «Дардни яшириш қийин, — деб ўйлади Анвар. — Холидийнинг аҳмоқона гапларига эътибор бермай бўларканми? Домла дардини ичига ютишга уриняпти. Юрагида бу дардни ҳам сингдириш учун бўш жой бормикин? Домла нимага бундай қиляпти? Андишаданми? Андишанинг отини қўрқоқ дейишади-ку? Индамай қўйгани барча бўҳтонларга ризо эканини англатмайдими? Наҳот домла буни тушунмайди? Қачонгача индамай ўтираверади? Мана шунақа индамай қўя қолиш одати борлиги учун ҳам Холидий тап тортмай унга ташланган. Қани, Миролимга шундай қилиб кўрсин-чи?! Йў-ўқ, бу шаллақидан қўрқади. Сталин замонида Миролим зиёлиларни қуритишда роса хизмат қилган. Холидий унга салгина тегиб ўтса, ўзи балоларга қолади. Миролим лўли хотинлардай дод солиб, Холидийнинг айбларини очиб ташлашдан ҳам қайтмайди. Ҳикмат Ўролов эса индамайди... Индамай туриб енгмоқчи бўлади... Шуларни унга айтайинми?.. У менинг насиҳатимга муҳтожми? Майли, бировга чанг солмасин, аммо... ҳеч бўлмаса ўзини ҳимоя қилса-чи?..»

Ҳикмат Ўролов бармоқларининг титрашидан ноқулай аҳволга тушди. «Сездими ё сезмадими?» деган ҳадикда Анварга ўғринча қараб қўйди. «Ўйга толди... ривоят таъсир қилдими ё Холидийни ўйлаяптими? Келгани яхши бўлди... Ҳалол йигит. Кўнглида кири йўқ... Шунинг учун қийналади. Умр бўйи қийналиб яшашга маҳкум...»

Уй бекаси патнисда нон-чой кўтариб чиқиб, орадаги сукутни бузди.
— Вой эсим қурсин, дастурхон олмабман-ку, — деди у хижолат бўлиб.
— Ҳечқиси йўқ, маликам, — Ҳикмат Ўролов шундай деб ўрнидан чаққон турди-да, ёзув столидаги газитни олиб, курси устига ёйди. — Қўлбола дастурхон ҳам бўлаверади, сиз азият чекманг.

Уй бекаси биринчи қаватга тушиб кетгач, пиёлаларга чой қуйилди. Ҳикмат Ўролов гапни чалғитиб, мақолани эслашни хоҳламасди. Чойнакнинг тагида Холидийнинг мақоласи чоп этилган газит, икковининг кўнгли ҳам, хаёли ҳам шу гаплар билан банд. Аммо мақола туфайли жабр чеккан одам ўзининг бу майда гаплардан юқори эканини кўрсатишга тиришади. Анвар эса бунга тоқат қилолмайди. У ўзини оқламоқчи эмас, бироқ ҳақиқатни айтиши шарт.
— Домла, мен ҳужжатхонада ростдан ҳам бор эдим, аммо... — деб гап бошлади Анвар. Бироқ, мезбон сўзларини давом эттиришга йўл бермади:
— Сиз мени ранжитяпсиз, азизим, — деди Ҳикмат Ўролов, бош чайқаб. — Шу гапларга ишонадиган гўл одамга ўхшайманми?
— Домла...
— Гапирманг, азизим, гапирманг. Умр бўйи ўша идоранинг хизматини қилиб келган одам ёнингизга кириб ҳужжат титадими? Э... унинг найрангларини кўравериб... Тағин ҳам «домла Иноятуллони Ҳикмат Ўролов ўз қўли билан отган», демабди. Шунисига хурсандман. Ҳамонки, шу мавзуда гап очдингиз, бир нарсани айтай: тўғри, домла Иноятуллони қамашганда кўплар қатори мени ҳам чақиришган. Мендан аввал Холидийни ҳам чақиришган. Менга унинг кўрсатмаларини беришган, ўз кўзим билан ўқиганман. Мана бу ердаги,— Ҳикмат Ўролов газитни бармоғи билан уриб қўйди, — гаплар ўзининг кўрсатмалари. Домланинг қўлларига кишан уриб берган Холидийнинг ўзи. Сиз ҳужжатлардаги менинг имзомни кўрдингизми?
— Йўқ... қарамай чиқиб кетдим. Жаҳл келганда ақл кетди...
— Хижолат бўлманг, зарари йўқ. Ҳужжатлар вақти келиб қўлингизга тушса қараб қўярсиз. Мен кўп ёзмаганман. Ёзганларим аниқ эсимда: «Агар ҳалол олим мингта бўлса, мингдан бири домла Иноятулло, у шу мингнинг олдинги қаторида туради. Агар биттагина бўлса, демак, у шубҳасиз — домла Иноятулло». Мени қийнашмади. Бошқа сўроққа чақиришмади. Шунга то ҳозирга қадар ҳайронман. Балки мен ёзиб берган қоғоз йўқотилгандир. Балки имзо бошқа қоғозга кўчирилгандир, буниси менга қоронғи. Мен ҳали ҳам ўша фикримда қатъий тураман: домла Иноятуллодай олим олдида биз сариқ чақа қимматига ҳам эга эмасмиз. Бундай дейишимга асос борми? Бор. Сиз айтинг, азизим, бизни тарихчи олим дейиш мумкинми?

Суҳбатнинг бу тарзда бурилиши Анварни ажаблантирди, бундай саволнинг берилиши эса ўйлантирди.
— Мен сиздан жавоб кутяпман, азизим, — деди Ҳикмат Ўролов. — Айтинг, бизни тарихчи олим дейиш мумкинми?
— Агар кеча бошқа гап айтиб, бугун бошқасини даъво қилаётганимиз назарда тутилса...
— Бу бошқа масала. Айтиш мумкинки, бу имон масаласи. Унвонлар, илмий даражалар ҳам бошқа масала. Сиз менга бир сўз билан жавоб беринг: ҳа, ёки йўқ! Сўнг жавобингизни албатта изоҳлаб ҳам берасиз.

Ҳикмат Ўролов Анварнинг кўзларига тикилиб кулимсиради. Анвар бу саволга ақли етган даражада жавоб бера оларди, аммо унга мезбоннинг асл мақсади қоронғу эди. Шу боис жавобга шошилмади.
— Сиз қийналманг. Ўзим айтиб қўя қолай: йўқ! Сабаб: бир куни домла Иноятуллонинг уйларига борсам, заррабинга тикилиб ўтирибдилар. Сизда заррабин борми? Ҳа, менда ҳам йўқ. Хуллас, бир археолог олим домлага узум данакларини берибди. Данакнинг умри салкам минг йил эмиш. Археологнинг айтишича, Эски шаҳардаги қазилма пайтида ҳожатхона ўрнидан топилган эмиш. Домла Иноятулло археологлар билан яқин эдилар. Сиз археологлар билан охирги марта қачон учрашгансиз? Менинг ҳам ёдимда йўқ. Хуллас, ўшанда: «Домла, бу сизга нима учун керак?» деб сўрадим. Домла: «Ҳақиқий тарихчи олим шуларгача аниқ билиши шарт. Ҳусайни узум ҳозир қандай, минг йил ва аввал қандай бўлган, минг йил ичида табиат қандай ўзгаришларни, нима сабабдан бошидан кечирди — биз билмасак, ким билади? Тарихий воқеалар билан табиатдаги ўзгаришлар орасида узвий боғланиш йўқми?» Хуллас, ўшанда ҳақиқий тарихчи олим — домла Иноятулло деб ишонганман. Биз китоб ўқиб, таҳлил қилиб, тарих илмини яратяпмиз, деб кериламиз. Бу китобларни бизгача кимдир ёзиб кетган. Биз фойдаланаётган адабиётларни араб ҳам, форс ҳам, фарангими немисми, жуҳудми ё русми, ким бўлса бўлсин, ёзган. Маълум бир ҳақиқатга ҳар бири ўз миллати фойдаси нуқтаи назаридан ёндошган ва баҳо берган.
— Худди шу нуқтада хато йўлга қадам қўйганмиз, — деди Анвар. — Биз қўлимизга жуҳуднинг китоби тушса, тарих шундай эди, деб жавраймиз. Немисники тушса, йўқ, бунақа эди, деб туриб оламиз. Мана, тарихга икки хил муносабатга ўзимиз ҳам гувоҳ бўлдик. Кечагина ундай девдик, бугун эса бундай. Қадимда шундай ҳол юз бермаганми? Берган... — Анвар «гапларини бўлиб ранжитмадимми?» деган маънода мезбонга қаради. Ҳикмат Ўролов унинг хавотирини сезиб, «дуруст гапиряпсиз, азизим, давом этинг», дегандай жилмайиб қўйди. Анвар бундан дадилланиб фикрини давом эттирди: — Биз ўша китобларга қул бўлиб юраверамиз. Мен борайинда Миролим домламиздан: «Темур замонида тоифи узум бўлганми?» деб сўрай. Турган гапки, у «Темурга узумнинг нима алоқаси бор», дейди. Ҳолбуки домла Иноятулло йўлини тутган, ўзини тарихчи олимман дейдиган одам буни билиши керак экан. Ҳалиги айтган ривоятингизни қаранг... биз ичи бўш қамишга ўхшамаймизми? Бир масалага икки хил қарашга виждонимиз қандай йўл қўяди. Кечагина Миролим домламиз Темурни қонхўр, деб, Темурнинг салоҳиятига ижобий баҳо бермоқчи бўлганларни ямламай ютган эди. Бугун эса акси: ким Темур жанг қилган, деса «Сен тарихга қонли кўйлак кийгизмоқчимисан!» деб юмдалаяпти. Қизиғи шуки, Темур ҳақида кеча ҳам шу зот асосий ҳукмни чиқарар эди, бугун ҳам. Баъзан ҳайрон қоламан. Бу Миролим деганлари, Темурнинг отаси уйланаётганида куёв жўра бўлганми ё Темур туғилганида киндигини кесганмикин?

Бу гапни эшитиб Ҳикмат Ўролов қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборди.
— Топиб айтдингиз, баракалла, — деди у ўзини кулгидан тўхтата олмай.
— У домламиз нари борса Темур ҳақида тўрт-беш китоб ўқигандирлар. Олтинчисини топиб, буни ҳам ўқинг, дейилса, мен бунақасини билмайман, деб туриб оладилар. Қаранг-а! У киши билмасалар ўша олтинчи китобнинг яшашга ҳаққи йўқ экан. Ўша олтинчи китоб юз йиллар давомида дунё олимларининг диққати марказида турган бўлса-чи? Сиз куляпсиз домла, аммо хафа бўлсангиз ҳам бир гап айтаман.
— Айтинг, азизим. Биламан, сиз ноҳақ гап айтмайсиз.
— Сиз, сизга ўхшаган олимлар нима учун Холидийга, Миролимга майдонни бўшатиб бергансизлар? Янчиб ташласаларинг бўлмасмиди?
— Янчиб... — Ҳикмат Ўролов кулимсираб, бош чайқади. — Сояни янчиб ташлай оласизми? Ахир улар замон ғоясининг соялари эдилар. Сиз ҳақиқатчи йигитсиз. Сизга ўхшаган йигитлар кўп, шундан хурсандман. Лекин орангизда ёш Холидийлар йўқми? Уларни янчиб ташлай оласизми? Саволимга ҳозир жавоб қайтарманг, жавобни вақт беради. Азизим, сиз баҳсни яхши кўрасиз, биламан. Сиздан ўтинчим бор: бугун баҳслашмайлик. Ундан кўра, сиз келмай туриб ўқиган яна бир ривоят баёнини айтиб берай: Луқмони ҳаким билан илон баҳсини эшитганмисиз?
— Йўқ.
— Тингланг, ажойиб ривоят: хуллас, Луқмони ҳаким йўлда бораётсалар бир уйдан нола эшитилибди. Кирсалар, хаста одам оғриқларга чидаёлмай дод дер эмиш. Табиблар келиб, уни бугун-эрта ўлади, дейишибди экан. Луқмони ҳаким хастанинг билак томирини ушлаб кўриб дебдиларки: — Дардингизга даво бор. Илон заҳри сизга шифо бергай. Хаста дебдики:— Илон заҳрини мен қайдан топай? Бир бедаво бўлсам... Ё мени шу аҳволда ташлаб кетаверасизми? Оллоҳ менинг зоримни эшитиб, Луқмони ҳакимга рўбарў қилганида эди, у зот мени ташламас эдилар. Луқмони ҳаким бу нолани тинглаб айтибдиларки: — Зинҳор ташламасман. Хуллас, ҳазрат Луқмони ҳаким илонзорга бориб бир ёшроқ илонни бўғзидан бўғиб тутибдилар. Шунда илон иттифоқо тилга кирибди ва дебдики: «Эй инсон фарзанди, сен нечун мени бўға-ётирсан? Оллоҳнинг менга берган жабрлари камми эди?» «Оллоҳ сенга қандай жабрлар қилди?» деб сўрабдилар Луқмони ҳаким. «Мени кўримсиз қилиб яратди, одамлар кўрсалар мендан қочадилар. Мени ертубан қилиб қўйди, судралиб юришга маҳкум этди. Энди сен мени бўғиб, жонимни оларсанми?» Луқмони ҳаким дебдилар: «Шундай қилмасам, бир одам ҳаётдан кўз юмар». Илон дебди: «Ажаб! У одамни сақлаб қолмоқ учун мени ўлдирасанми? Ахир у ҳам Оллоҳнинг бир махлуқи, мен ҳам. Бир жонни сақлаб қолмоқ учун иккинчисини маҳв этмоқ шартми? Эй инсон боласи, сен айт: мен бировни чақсам, менинг заҳримни даф эта оласанми?» Луқмони ҳаким айтибдилар: «Ҳа, даф эта оламан». Илон дебди: «Унда менинг заҳрим кучли эмас экан. Дунёда шундай заҳар борки, сен уни зинҳор даф эта олмассан!» «Қандай заҳар? Қора қуртникими?» — дебдилар Луқмони ҳаким. «Э, йўқ, — дебди илон. — Дунёда энг кучли заҳар одамнинг заҳри. Бунга даво йўқтур. Одам одамни чақса албатта ўлим ҳақдир! Оллоҳ биз — илонларни тубан қилиб яратди. Аммо биз бир-биримизни чақмаймиз. Сиз — одам болаларини юқори қилиб яратди, сиз бир-бирингизни чақиб ўлдирасиз. Сен жонини сақлаб қолмоқчи бўлаётган хастага менинг заҳрим даво эмас, янглишма. Уни ўз дўсти чаққан. Унинг заҳрига даво топа олмассан. Бунга ҳатто Луқмон ҳам даво топмагай. Қўй, у ўлаверсин, азобларидан қутула қолсин...» — Ҳикмат Ўролов шундай деб хўрсиниб қўйди.

Унинг нима учун хўрсинганини Анвар эртасига фаҳмлаб етди.

3

Нима?!

Ҳикмат Ўролов ўлди?!

Анвар қулоқларига ишонмади.

Аввалига «енг кичик илмий ходим»ни институт остонасида кўриб «Эрталабдан кимни кутаётган экан?» деб ўйлаб, ажабланган эди. Энди билса, бу шумхабарни етказиш учун турган экан. Анвар ҳозир «нима учун мени қаршилади, нима учун мени ичкарига қўйгиси келмади» деб ўйламади. Буни кейинроқ, жиннихонада ётганида ўйлайди. Ҳозир эса шумхабар зарбидан карахт бўлиб турарди.
— Кеча оқшомда тўсатдан узилибдилар, — деди «енг кичик илмий ходим». — Кечқурун уйимга телефон қилишди. Кечаси билан шу ерда эдик, жой тайёрладик. Хайрлашиш учун шу ерга қўйишмоқчи экан. Кеннойи унамабдилар. Шунга... Ўлмас ака сиздан илтимос қилдилар. Бориб, кўндириб бераркансиз. Сиёсий масала, дейишаяпти...
— Сиёсий масала?! — Анвар ҳамхонасининг ёқасига чанг солганини ўзи ҳам сезмай қолди. — Ўлиб ҳам қутулмасинми?!

«Анвар ака, ўзингизни босинг», деган огоҳлантиришдан сўнг унинг ёқасини бўшатди.
— Ўзи қани, директорчанг? — деб сўради титроқ овозда. Сўнг жавоб кутмай ичкарига қараб юрди.

Чиндан ҳам эрталабгача бу ерда анча иш қилинган эди: эшик оғзидаги қоровулнинг столи олинган, қўйилганидан бери ишлатилмаган кийим илгичлар ҳам йўқотилган, ўртага гилам тўшалган, зинанинг ёнидаги устунга Ҳикмат Ўроловнинг сурати осилган, сурат остида эса қора рангли ҳарфларда ёзилган «Бераҳм ажал атоқли олим, буюк инсонни бағримиздан юлиб олди», деб бошланиб, «ўлим уни даврамиздан олиб кетди, то тирик эканмиз номини қалбимиздан ҳеч қандай куч юлиб ололмайди» деб якунланувчи таъзиянома ёпиштирилган эди. Анвар бу сатрларни атайин тўхтаб ўқимади. Бир кўз ташлашда бошланишию хотимасига нигоҳи тушиб эслаб қолди.

«Энг кичик илмий ходим» зинадан чиқишига йўл қўймади:
— Анвар ака, фойдаси йўқ.

Дастлаб Анвар уни силтаб ташлагиси келди. Бироқ, унинг маъюс боқиб турган толиққан кўзларига кўзи тушгач, шаштидан қайтди. Ғазаб исканжаси уни бир оз ҳоли қўйди-ю, орқасига ўгирилди...

Ҳикмат Ўролов яшаган икки қаватли уй олдида одамлар тўпланиб туришган эди. Йўл четида насронийларнинг қизил мато қопланган тобути, дарахтга эса гулчамбар тираб қўйилган, Марҳумнинг уйига кираверишда эса икки йигит ёғоч отни минишга ҳозирларди— тобут атрофини оқ мато билан ўрарди. Анвар буни кўриб, йиғлаб юборди-да, юришдан тўхтади. Чўнтагидан рўмолчасини чиқариб, кўз ёшларини артгач, аста юриб, тўпланиб турган одамлар қаторига қўшилди. «Энг кичик илмий ходим» ҳам унинг ёнидан жой олди. Раҳбариятнинг топшириғини эслатмади.

Ярим соатлардан сўнг бел боғлаган бир йигит Анварни имлаб чақириб ичкарига бошлади. Даҳлизда уни Ҳикмат Ўроловнинг беваси қаршилади.

... кечагина «маликам» деб эркаланган бу аёл бугун бева эди...

Анвар уни кўриши билан яна йиғлаб юборди. Мусибатни чекинтира олувчи, дардга малҳам бўлишга қодир бирон сўз тилига келмади.
— Яратганнинг иродаси шу экан, иложимиз қанча... Сизни чақирганим ...раҳбарларингизга айтинг, хафа бўлишмасин, уларнинг топшириқларини бажара олмайман. Эл-юрт нима деса шу...

Бева шундай деб йиғи овози чиқиб турган хона сари юрди. Анвар бўғзини бўғаётган йиғини қайтаришга уриниб, жойида пича турди. У хонадан бу хонага, уйдан кўчага... кириб-чиқиб юрган, мусибатга банди бўлган одамлар унинг қотиб турганига эътибор беришмади.

Анвар беихтиёр зина сари юрди. Иккинчи қаватга кўтарилди. Китобхона эшиги ланг очиқ. Ичкари бўм-бўш... Етим қолган ёзув столи, китоблар... унсиз бўзлашади. Бу хонадаги фарёдлар пастдаги йиғидан баравжроқ, аммо уни ҳеч ким эшитмайди. Дам ўтмай пастда ғассол мурдани ювади. Бадандаги кир сувга қўшилиб тўкилади. Бу хонага эса тилга чиқарилмаган дарду ҳасратлар тўкилиб қолган. Юракни тирнаган, охир-оқибат томирларни узиб ташлаган аламлар ҳам шу хонада қолади. Энди бу хонага озод руҳ эгалик қилади...

Анвар ичкарига оёқ қўйишга ботинмади. Назарида юмшоқ ўриндиқда Ҳикмат Ўролов ўтиргандай, унга қараб жилмайиб қўйгандай бўлди. Кейин унинг овозини эшитди. Аниқ эшитди:

«...Дунёда шундай заҳар борки, сен уни зинҳор даф эта олмассан. «Қандай заҳар, қора қуртникими?» дебдилар Луқмони ҳаким. — «Э, йўқ, — дебди илон. — Дунёда энг кучли заҳар одам заҳри. Бунга даво йўқ. Одам одамни чақса албатта ўлим ҳақдир! Оллоҳ биз — илонларни тубан қилиб яратди. Аммо биз бир-биримизни чақмаймиз. Сиз — одам болаларини юқори қилиб яратди, сиз бир-бирингизни чақиб ўлдирасиз. Сен жонини сақлаб қолмоқчи бўлган хастага менинг заҳрим даво эмас, янглишма. Уни ўз дўсти чаққан. Унинг дардига даво топа олмассан. Бунга ҳатто Луқмон ҳам даво топмагай. Қўй, у ўлаверсин. Азоблардан қутулсин...» Анварнинг назарида Ҳикмат Ўролов бу гапларни баланд овозда айтди. Бу гапларни пастдагилар ҳам, кўчадагилар ҳам эшитишди...

Анвар остонада яна бир оз тургач, изига қайтди.

«Бу аёл бунча саботли бўлмаса, — деб ўйлади у. — Шунақа вазиятда ҳам одоб чегарасида қолиш шартми? Дод солмайдими? «Эримни сенлар ўлдирдиларинг, чақиб-чақиб ўлдирдиларинг! Илон чақса ўлмай қоларди, сенларнинг заҳринг жонини олди! Келтирган тобутларинг ўзларингга буюрсин, ўзларинг тушиб ётларинг, роҳатланларинг!..» деб бақирса бўлмайдими! «Сен ҳам шуларнинг бирисан!» деб мени-да юлиб ташламайдими?..»

Анвар ташқарига чиқди. Таниш, нотаниш одамлар... Ачинган ҳам, лоқайд ҳам, мусибатга шерик ҳам, «ўлгани яхши бўлди» дегувчи ҳам шу ерда. Анварнинг кўзига ҳамма — дўст ҳам, душман ҳам илон бўлиб кўринди. Ўзини улкан бир илонхонада ҳис этиб, баданига муз югурди. Назарида қўл қовуштириб, қайғуга берилгандай бўлиб турганлар одамлар эмас, балки лунжини шишириб, тилини ўйнатиб, бир ҳамла билан чақишга тайёр турган илонлар эди гўё. Судралиб юрувчи росмана илонлар чақаман, деб ният қилмайди, икки оёқли илонлар эса фурсат пойлайди. Мана шу турганларнинг қай бири қачон, қай бирини чақар экан? Мана шу турганларнинг қай бири қачон одам заҳридан татиб ўлар экан? Росмана илонлар чақади-ю, қочади. Икки оёқлилар эса то кўмиб ташламагунича тинчимайди... Жасадни кўмиш билан чекланса кошки эди, хотирасини, номини ҳам кўмишга интилса-чи?

Анварнинг хаёли шу гаплар билан банд, кўзлари эса одамлар орасидан кимнидир қидирарди. Мурда олиб чиқилганда ҳам, масжид сари юрилганда, жаноза ўқилаётганида, ҳатто қабрга қўйилаётганида ҳам излади уни. «Қилган ишидан пушаймон едими, уялдими?» деган саволга жавоб топа олмади.

Қабрга тупроқ тортилгач, таниш овозни эшитиб, ҳайрат билан аланглади — «Қачон пайдо бўлди булар?!»
— Ҳурматли ўртоқлар! — деди Ўлмас Акрам баланд овозда. Ҳамма, жумладан, тўнкарилган тобут устига ўтириб қироатни бошлай деяётган имом ҳам овоз келган тарафга қаради. Тупроқни кетмон билан шиббалаётган гўрков ёнида Ўлмас Акрам, Холидий, Миролим, яна бир неча номдор олимлар пайдо бўлган эдилар.

Ўлмас Акрам «илм аҳлининг мусибатини» баён этгач, сўзни «марҳумнинг яқин сафдоши улуғ олим Холидий»га берди. Анвар унинг «Азиз биродарим...» деган дастлабки сўзларини эшитди-ю, вужудини зириллатган ғазаб қулоқларини кар қилди, кўз олдига қизил парда тортди. У тамоман ўзини йўқотди-да:
— Мунофиқ! — деб бақирди.

Одамлар ҳайрат билан унга қарадилар. Анварни таниганлар мақсадни тушундилар. Танимаганлар эса: «Бу йигит кимни «мунофиқ» деяпти, марҳумними ё воизними?» — деб ажабландилар. Холидий эса бу ҳитобни эшитмагандай гапни хотиржам тарзда давом эттирди:
— Мунофиқ!! — Анвар яна бақириб нотиқ сари сапчиди. — Уни сен ўлдирдинг, ҳайвон! Яна азиз биродарим, дейсанми?!

Анвар оғзидан чиқаётган сўзларни назорат қила олмас эди. Одамлар нима гаплигини тушуниб етгунларига қадар у Холидийнинг бўғзига чанг солишга улгурди.

Бу манзара узоқ давом этмади. Анварни ажратдилар. Кимдир қўлини қайириб олди.
— Сен илонсан! Сен ичи ғовак қамишсан! Тўқайга ўт қўяман, илдизингни қуритаман!

Анвар жон аччиғида бақирар, қўлларини ким қайираётгани, ким судраб бораётганини фаҳм этмас эди. Дафн маросимига тўпланганлар ҳам Анварнинг қўлларини қайирган бу бақувват ғилайнинг қаёқдан пайдо бўлганини билмас эдилар.

Холидий оташин нутқини тугатаётган дамда Анварни биқинида қўшув аломати бор, усти берк машинага зўрлаб чиқардилар. Устига енгсиз узун кўйлак кийдирдилар. Имом тиловатни бошлаганда машина жиннихона сари йўл олган эди.

II- qism