OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

5 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифТоҳир Малик
Асар номиШайтанат (II- китоб, III- қисм)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Криминал беллетристика
Муаллифлар
   - Тоҳир Малик
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Китоблар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм408KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/12/02
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Шайтанат (II- китоб, III- қисм)
Тоҳир Малик

XVIII боб

1

Оддий ҳазил ёки кимнидир лақиллатиш мақсадида айтилган гап охир-оқибатда кимнингдир жонига қасд қилинмоғи учун сабаб бўлажагини барча ҳам вақтида фаҳм эта олмайди. Баъзида ҳатто кўпни кўрганлар ҳам «наҳот шу гап билан фалончини ўлдириб кетишибди?» деб ажабланишади. Ровийлар «айтган сўзим — ҳожам, айтмаганим — қулим» деб эканлар. Шунданми, ҳожага айланган гап истаса кулдиради, истаса йиғлатади. Хоҳласа — жон беради, хоҳласа — жон олади. Олганда ҳам инсон боласига кўп азоблар берар, ит азобини бошига солар. Ўлимга етакловчи бошқа ҳеч бир йўлда бу қадарли азоблар йўқдур...

Зоҳид ёқимсиз ҳамкасбининг жиғига тегиш учун айтган гапи икки одамнинг жонини олиб кетиши мумкинлигини, оқибатда ўзи ҳам оғир аҳволга тушиб қолажагини ўйламаган эди.

Кеча оқшомда прокурор уни қабул қилиб, барча гапларини диққат билан тинглаб, сўнг яхши сўзлар билан кўнглига чироқ ёққан эди. Зоҳид авваллари ташвиш тиканаклари устида ётиб тўлғониб чиққан бўлса, бу кеч яхшилик умиди чироғида кўзи қамашиб ухлай олмади. Прокурорнинг гаплари дам-бадам қулоғи остида жаранглади: «Сиз айтган Асадбеклар ким, ҳомийлари ким — биламиз. Улар билан ҳисоб-китоб вақти келади. Арқонни узун ташланг. Бир-икки одамни қафасга солган билан иш битмайди. Ҳаммасини бирваракайига илинтириш ҳаракатини қиламиз. Бу ҳаракатда сиз ҳам борсиз...»

Бу албатта яхши гап. Аммо... бирваракайига илинтириш вақти етгунча улар жим турармикин? Ўғирлашмасмикин, бокира қизларнинг номусларини булғашмасмикин, зўрлик қилишмасмикин? Ва ниҳоят... ўлдиришмасмикин? Хориж филмларига ишонилса, ундаги жиноятчилар, ундаги одам ўлдиришлар олдида Асадбеклар ҳалимдеккина, одобли одамлар, дейиш мумкин. Лекин арқон узун ташланса, улар ҳам ўша кинолардагидек, балки ундан-да баттар ваҳшийлашиб кетишмасмикин?

Зоҳид тунда шуларни ўйлади, прокурор билан хаёлан баҳслашди. Унга тасалли берган нарса — прокурорнинг ҳамма нарсалардан хабардорлиги, жиноятчиларга хайрихоҳ эмаслиги. Энг муҳими шу! Қолганини вақт ҳал қилади.

Зоҳид терговни давом эттириш, янада қатъийроқ ҳаракат қилиш қасдида ишга келган эди. Ўша ёқимсиз ҳамкасби, ёқимсиз хабар билан қаршилади:
— Эшитдингизми, кавказликларингизни ўлдиришибди, — деди у мамнун бир қиёфада.
— Ўлдиришибди? Ким ўлдиради? — деб сўради Зоҳид.
— Ҳаммомда уриш чиқибди. Ким ўлдиргани номаълум.

Зоҳид унинг гапини охиригача эшитмади. Хонасига кирди-да, эшикни қулфлади. Жойига ўтириб, бошини чангаллади. Боши саволлар оқимида шишиб, ёрилиб кетай дерди: нимага ўлдиришади? Ким ўлдиради? Кеча прокурор уларни бошқа турмага кўчиришга ваъда берган эди. Бу ҳақда буйруқ чиқаришга улгурдими? Ваъдаси чинмиди ё қўйнини пуч ёнғоққа тўлдирдими?

Саволлар беҳисоб, жавоб эса йўқ.

Гумондаги одамлар сони ортиб боради. Ҳатто прокурор ҳам шу сафда. Аммо аниқ бир одамни айбдор деб айта олмайди.

Зоҳид гумонлар, саволлар пўртанасига банди бўлиб узоқ ўтирди. Пўртана домига тортгани сайин у ўзини ожиз, нотавон ҳис этарди. Назарида, мияси ўз фаолиятини тўхтатган, қувватдан қолган, фикрлашдан маҳрум бўлган эди. У гўё қоронғу ғорга кириб адашгандай — на изига қайтар йўлни билади, на рўпара-сида йилт этган чироқни кўради. «Мақсадим нима эди-ю, нимага эришдим? — деб ўйлади у. — Шамол тегирмонига от солган бефаҳм Дон Кихотдан нима фарқим бор? Арқонни узун ташлаганнинг фойдаси шуми? Узун ташланган арқон баттар чувалашиб кетмайдими? Кўзи ожиз одамларнинг оёқлари бу арқонга илашиб, йиқилмайдиларми?...»

Зоҳид тортмадан икки кавказликнинг суратини олиб, тикилди. Кўзларида ваҳшийлик учқунлари чақнаб турган бу одамсифат махлуқларнинг ўлдирилгани бир жиҳатдан яхши. Зоҳид уларнинг қисматига ачинмайди. Уларнинг ўлими бошқа жонларнинг омон қолишини таъминлар балки? Зоҳидни қийнаган нарса бошқа — уларнинг сирли ўлими кўп сирлар устига парда тортди. Энди бу пардани кўтариш мумкинми? Агар улар атайин ўлдирилган бўлсалар, энди навбат кимники?

Зоҳид «улар атайин ўлдирилган» деган фикрдан узоқлаша олмас эди. Аввало девдай бу икки одамни унча-бунча куч енголмас. «Петрашвили шериги чет элга чиқариб юборишни талаб қиляпти» деган гап кимларгадир ёқмаган, шартномада йўқ талаб уларни сергаклантириб, режаларини ўзгартирган бўлишлари мумкинми? Мумкин!

Зоҳид узил-кесил шу жавобда тўхтаб, маёр Солиевни топиш илинжида телефон гўшагини кўтарди.

2

Зоҳид учун кун зулмат пардаси остида ўтди. Қайси бир ишни ихтиёр этса боши омадсизлик деворига бориб урилаверди. Маёр Солиевни топа олмади. Ҳар куни ҳеч бўлмаса бир қўнғироқ қилиб аҳвол сўровчи маёр бугун атайин беркиниб олгандай — қаердалигини на уйидагилари билади, на ҳамкасблари. Ҳамдам Толиповни йўқлашни хаёлига ҳам келтирмади — ҳали Фарғонадан қайтмаган деб ўйлади. Ҳамдамнинг эрта саҳарда қайтиб, ишга киришиб кетганини, чигалнинг бир учини ўликхоналардан қидираётганини Зоҳид билмас эди.

Қамоқхонага бориб ҳам Зоҳид тайин бир маълумот ололмади: мурдалар текшириш учун олиб кетилган. Уларни ким ўлдиргани ноаниқ. Фақат муштлашувни бошлаган йигит маълум. Уни ҳам ўша заҳоти бошқа қамоқхонага кўчирганлар. Бу иш шахсан прокурор назоратида эмиш! Шундай бўлиши Зоҳид учун дуруст эди. Чунки прокурор шахсан назорат қилдими — демак, бу анов-манов ишлардан эмас, аро йўлда ҳам қолдирилмайди. Лекин... ана шу «лекин»и бор-да. Прокурор ишни чуваламай тезроқ ёпиш тарафдори бўлса-чи? Ана шу гумон Зоҳидни саросимага солди.

Зоҳид шомга яқин қамоқхонадаги жанжални бошлаган йигитни тергов қилаётган ҳамкасби билан учрашди. Тилла ҳалли кўзойнак таққан бу йигит табиатан камгап эдими ё Зоҳид билан суҳбатлашишни истамадими, ҳар нечук саволларга қисқа-қисқа жавоб қайтарди. Вақти зиқ эканини айтди.
— Мен у йигит билан гаплашишим мумкинми? — деди Зоҳид, унинг қилиғидан ранжиб.
— Ҳозирча мумкин эмас.
— Қачон мумкин бўлади?
— Бу прокуратура терговчисининг саволи эмас.
— Яхши. Сиз тергов қилаётганингизда иштирок этишим мумкинми?
— Ҳозирча йўқ.
— Сиз бошлаган иш мен олиб бораётган иш билан бир ерда кесишяпти. Нима учун буни тушунишни истамаймиз?
— Тушуниб турибман. Прокурор ҳам яхши тушунганлари учун жиддий шуғулланишни вазифа қилиб қўйдилар. Вақти келиб, балки биргаликда иш юритармиз. Ҳозирча сизга айтадиганим: у йигит бир қизни зўрлашда айбланган. Иши судга ошириш арафасида экан. Айтишича, Петрашвили у йигитга бир-икки қилиқ қилган. Ҳаммомда эса зўрламоқчи бўлган. Йигит таеквандо билан шуғулланган экан. Бўш келмаган. Петрашвили бошқаларнинг ҳам жонига тегиб юрганми, ҳар ҳолда, муштлашувга кўпчилик аралашган. Менинг ҳозирча билганим шу.
— Демак... Сизнингча бу атайин уюштирилмаганми? — деди Зоҳид ҳамкасбига ишончсизлик назари билан боқиб.
— Ҳозирча менда бундай маълумот йўқ. Агар сиз бу қотиллик аввалдан тайёрланган, деган фикрда бўлсангиз, марҳамат, исбот қилишга уриниб кўринг, фикрларингизни инобатга олай.
— Йўқ, ҳозирча фикрим ўзимда тура турсин. Вақти келса ўртоқлашармиз, — Зоҳид шундай деб хонадан чиқмоқчи бўлганида ҳамкасби тўхтатди:
— Сиз ҳақингизда эшитувдим. Угрода ишлаб юрганингизда ҳам ҳақиқатпарастлик қилар экансиз. Бу яхши фазилат. Аммо бу соҳада фақат сизгина адолатли, сизгина ҳақиқатпараст эмассиз. Сиздан ёшим каттароқ бўлгани учун айтиб қўяй: ҳамкасбларингиздан сира гумонсираманг. Гумон билан узоққа бора олмайсиз. Биз бир-биримиздан гумонсирасак, бир-биримизга ишонмасак, халқ бизни сариқ чақага ҳам олмай қўяди. Шусиз ҳам одамлар бизга унча ишонмайди.
— Бунга асос бўлса-чи?
— Асос ҳамиша ҳам ҳақиқат бўлавермайди.

Зоҳидга унинг кейинги гаплари бир оз маъқул бўлди.

3

Зоҳид ҳамкасби билан гаплашиб турганида шаҳар атрофидаги ўликхоналарни бир-бир текшириб чиқаётган Ҳамдам Толипов муддаога яқин келиб қолган эди. Бу ишни у Фарғонага кетмай туриб бошлаган, барвақтроқ қайтгани учун якунлаб қўя қолиш ниятида эди.

Ёқиб юборилган мурданинг Жамшид Суннатуллаев эмаслигига ишонч ҳосил қилингач, ўликхонадан эгасиз мурда олинган, деган қарорга келишган эди. Экспертиза хулосасига кўра, бу эгасиз мурда автомобил ҳалокатига учраган одамники бўлиши мумкин. Шу фикр билан иш бошлаган Ҳамдам бир ойнинг нари-берисида машина уриб юборган одамлар рўйхати билан қизиқди. Шаҳар билан чекланмай, атроф туманлардан ҳам маълумот олиб, шу маълумот асосида касалхоналарни айланди.

Тоғ ёнбағридаги касалхонага келганида, кеч кириб қолгани учун раҳбарият уй-уйига тарқаган эди. Ҳамдам ўликхонада бирор кимса бордир, деган тахминда тўрт қаватли бинонинг орқа томонидаги пастак, кўримсиз бино сари юрди. Қип-қизил рангга бўяб қўйилган эшик тепасидаги лавҳага «Бегона кишиларнинг кириши қатъиян таъқиқланади. Маъмурият.» деб ёзиб қўйилган эди. Ҳамдам бу ёзувни ўқиб кулди. «Бу ерда ким бегонаю ким бегона эмас,— деб ўйлади у. — Ўликхона бўлганидан кейин тириклар бегона-да. Ундан кўра «Хуш келибсиз, ўртоқ ўликлар!» деб шиор осиб қўйилса яхшироқ бўларкан...»

Эшик ичкаридан занжирланган эди. Ҳамдам астагина, одоб билан тақиллатди. Жавоб ҳаяллагач, такрор тақиллатди. Бир оздан сўнг ичкарида шарпа сезилиб, занжир туширилди. Эшикни очган соч-соқоли узун, оғзи-бурни аранг кўриниб турган, кўзлари балчиқда ётган мунчоқни эслатувчи малла одам Ҳамдамга қараб керишиб, баралла эснади-да:
— Бугун кеч қолдинг, братан. Бугун энди ўлик берилмайди, хўжайинлар йўқ, — деди.

Ҳамдамдаги ички бир сезги «шуни қўлдан чиқарма» деди. Ҳамдам бу ғойибона сасга қулоқ бериб, ўликхона эгасига салом бериб, қўл қовуштирди.
— Бугун ўлик берилмайди, гапимга тушунмадингми? — деди бадбашара.

Ҳамдам унга қараб туриб: «Бунча бадбашара бўлмаса, ундан ҳатто ўликлар ҳам қўрқса керак», деб ўйлади. Ҳамдамда ҳушламайдиган одамини очиқ менсимаслик одати бор эди. Аммо ишнинг битиши шайтонга боғлиқ бўлса, араваси лойдан ўтгунича унга-да таъзим қилиб туришдан тоймасди. Ҳозир шундай бўлди: бадбашарани тепиб юборишга тайёр бўлгани ҳолда, мўминлик билан деди:
— Бир қариндошимизни қидириб юрибмиз. Худо кўрсатмасину, аммо рухсат берсангиз, бир қараб чиқсам. Яхшилигингиз ерда қолмайди, хурсанд қила-ман.
— Йў-ўқ, — деди бадбашара, — хўжайин билиб қолса, паттамни қўлимга тутқизади.
— Хўжайин қолибдими, шу пайтда. Ҳамширалари билан маишатини қилиб ётибди. Улар жонининг ҳузурини билишади.

Ҳамдам шундай деди-да, чўнтагидан наша аралаштириб ўралган папирос олиб тутатди. У бадбашаранинг нархни ошириш учун яна бир оз таранг қилишини биларди. Шу боис уни тўла ҳолда қўлга олиш мақсадида папиросни баралла тутатди. Наша ҳиди димоғига урилган бадбашаранинг кўзлари чақнади. Ҳамдам бу кўзлардаги ўзгаришни сезиб, қувонди. «Гаҳ десам қўлимга қўнасану таранг қилганинг нимаси?» Чиндан ҳам бадбашаранинг чидами узоққа бормади.
— Братан, менга ҳам бир торттирсанг-чи, — деди ютиниб.
— Ма, торт, — деди Ҳамдам, унга папиросни узатиб.

Бадбашара босиб-босиб чилим тортгандай ҳузурланди. Кўзлари сузилди. Ҳамдам охиригача тортиб тугатишига қўймай, қўлидаги папиросни олди. Бадбашара жони суғурилгандай энтикди.
— Қариндошинг қиз бола эмасми? — деди у юмшоқ оҳангда.
— Нима эди? — деди Ҳамдам тутунни у томон пуфлаб.
— Бугун битта қизни олиб келишди. Ишини олиб, ўзини ўлдириб кетишибди. Кўрасанми?
— Кўраман.

Ичкарига киришди. Қатор ётқизиб қўйилган мурдаларнинг оёқ томонида, эски стол устида ярми ичилган вино, колбаса, нон бурдалари турарди. «Маишатини бузибман-да», деб ўйлади ўзича Ҳамдам.

Бадбашара столга яқин ётган мурда тепасидаги чойшабни тортди. Ўн олти-ўн етти ёшлардаги гўзал худди уйқуда ётгандай эди.
— Шундай кетворган нарсани увол қилишибди, — деди Бадбашара хўрсиниб. — Ишини олибсан, ўлдириб нима қиласан? Қара, ўлиги ҳам зўр-а! Шу ҳолда ўпсанг ҳам маза қиласан. — Бадбашара энгашиб қизнинг лабидан ўпди. Ҳамдамнинг кўнгли айниди. Унинг гарданига мушт туширгиси келди. Бадбашара эса қаддини кўтариб унга қараб тиржайди: — Ўпиб кўрсанг-чи?

Ҳамдам унинг билагидан ушлаб, ташқарига судради.
— Ҳой, нимага судрайсан мени? — деди Бадбашара.
— Гап бор, юр, — деди Ҳамдам зарда билан.

Ташқарига чиққач, сал ўзини босди. Пастак зинага ўтириб, яна наша аралаштирилган папирос тутатди. Бадбашара унинг ёнига ўтириб, нажот кўзи билан тикилди.
— Эгаси йўқми бу жононнинг? — деди Ҳамдам унга тутун пуфлаб.
— Ҳозирча йўқ, — деди Бадбашара энтикиб.
— Менга сот уни.
— Қачон?
— Ҳозир.
— Йў-ўқ, ҳозир бўлмайди. Эгаси чиқиб қолиши мумкин. Беш-олти кундан кейин ҳеч ким келмаса «кўмвор», дейишади. Ана ўшанда келсанг, бошқа гап.
— Менга бугун керак. Бир оғайнимга зарур бўлганда сендан олган экан, менга таранг қилма.
— Қачон олибди?
— Ўн-ўн беш кун олдин. Машина урган одамни сотибсан.
— Э, уми, у эски ўлик эди. Кўмишга эриниб турувдим.
— Менга берадиганинг йўқми?
— Ҳозир йўқ, братан. Хафа бўлма.

Ҳамдам папиросни унинг қўлига тутқазиб, елкасига уриб қўйди:
— Эртага келаман, тайёрлаб қўй.

Шундай дегач, ўрнидан туриб, тез-тез юриб, узоқлашди.

4

Зоҳидга еяётган лағмони шўр туюлиб, косани нари суриб қўйди. Феъли айниб турганини сезгани учун ҳам хотини индамади. Зоҳидга хотинининг индамаётгани ҳам ёқмади. У кун бўйи тўплаган заҳрини кимгадир сочиши керак эди. Заҳар сочиш учун эса биргина сўз талаб этиларди. Ана шу сўз коса сурилганда «Ҳа, овқатнинг нимаси ёқмади?» ёки «мен пиширган овқат кейинги пайтда ёқмай қолди ўзи» тарзида айтилмоғи даркор эди. Айтилмади. Энди бундай сўзни ўзи суғуриб олиши керакми? Керак!
— Одам ейдиган овқат қилсанг, бир нима бўлиб қоласанми? — Бу — Зоҳиднинг дегани.
— Одам ейдиган овқат бўлмай, нима бу? — Буни хотини айтиши лозим эди. Айтмади. Нигоҳини олиб қочиш билан чекланди.
— Туз текинми? Челаклаб солдингми? — Бу — Зоҳиднинг айтган гапи.
— Туз солганим йўқ, пешонамнинг шўри оқиб тушди. — Бу — хотини айтмаган гап.

Йўқ, заҳар сочишнинг ҳам имкони бўлмади. Бу кунга қарғиш текканми, ўз хотинига бақиришнинг ҳам иложини қилмади. Зоҳид заҳар сочишнинг янги йўлларини излаб ўтирганида телефон қўнғироғи жиринглаб, хотини устига тўпланаётган булутлар тарқалди. Зоҳид Ҳамдамнинг овозини эшитиши билан енгил тортди.
— Қачон келдингиз? Тез кўришишимиз керак, — деди Зоҳид шошилиб.
— Бўпти, анҳор бўйига кел. Яхши гаплар бор. Эрисанг, айтаман, — деди Ҳамдам қувноқ оҳангда.
— Мақсуд акамни кун бўйи тополмадим.
— Мен ҳозир гаплашдим. Чақирайми?
— Яхши бўларди...

Анҳор соҳилидаги ошхонанинг иш вақти тугаган, фақат бир-иккита столда эрка мижозлар маишатларини давом эттирар эдилар. Ҳамдам барвақтроқ келгани учун жой ҳозирлади. Унинг кимлигини яхши билган ошхона хўжайини хизматда бўлди. «Прокуратурадан нозикроқ одамлар» келишини билгач, янада илдамроқ хизмат қилди.

Зоҳид келиши билан Ҳамдам:
— Ишдан гапирмай тур, ўлардай очман, — деб огоҳлантирди-да, иккита пиёлага ароқ қуйди. — Қани, олдик. Олайлик, олдирмайлик, йигит ўлмайлик, бало кўрмайлик.

Ҳамдан пиёлани бир кўтаришдаёқ бўшатиб, ўйланиб турган Зоҳидни аста туртди:
— Ол, тортинма, сенинг ҳисобингдан бўляпти. Зўр гап бор.

Зоҳид ҳам деярли оч эди. Ароқ дарров таъсир этди.
— Айтинг, ўша зўр гапларингизни, — деди иккинчи пиёладан кейин.
— Оқсоқол келсинлар, сабр қил.

Маёр Солиев кўп куттирмади. У ҳам уйида овқатланишга улгурмаган эди. Даврага қўшила қолди.
— Барвақт қайтибсанми? — деб сўради у, ликопчадаги гўштга қўл узата туриб.
— У ёқда биз қиладиган ишнинг ўзи йўқ, — деди Ҳамдам. — Иш Масковликлардан ортмаяпти. Бизни дастёрликка юборишганми, ҳайронман. Мени Пётр Иванович деганига тиркаб қўйишди. Қарасам, мени ишга аралаштирадиган эмас. «Шунчани қамайсан» деган план билан келганми, енгил-элпи тергов қилиб, ишни судга оширадиган. У-бу, десам, аралашма, дейди. Ҳе, дедим, онанг Сталинга ўптирган бўлса ҳам, ўзингни бос. Мен ҳам пасту баланд нарсага тушунаман. Сенга дастёр бўладиган аҳмоқ йўқ, дастёрга муҳтож бўлсанг, малла болалардан қўшиб қўяйми, дедим. Минғир-минғир бўлса ҳам мардлиги бор экан. Пасту баландга тушунсанг, изингга қайтавер, мен хўжайинларингга бир нима деб қўяман, деди. Назаримда, улар бизнинг боришимиздан чўчишди. Бизни назорат қилишга келишган, деб ўйлашди шекилли.

Ҳамдам шундай деб пиёлаларга яна қуйда-да, Зоҳидга қаради:
— У ёққа мен эмас, сен боришинг керак экан. Ҳақиқат деган нарсанинг бунчалик булғаниб ташланишини умрингда кўрмагансан. Анқовларни бир чеккадан териб олишиб, билган ошларини ичиб ётишибди.
— Қанақа анқовлар? — деб сўради Зоҳид ажабланиб.
— Томошага чиққан анқовлар-да. Кимлардир ёққан, ўлдиргану жуфтакни ростлаб қолган. Анқовлар эса «нима бўляпти экан?» деб томошага чиққан пайтда назарга тушган. Ижрочилар кетиб, томошабинлар қармоққа илинган. Мен шунча юриб, бир нарсага тушунмадим. Одамларни ёқиб юборишибди. Бензин сепиб ёқишибди. Бунақасини кўз ҳам кўрмаган, қулоқ ҳам эшитмаган. Ўзбек, айниқса фарғоналиклар ғазабга минса, «ҳе энангди» деб шартта калла қўяди, жуда жонидан ўтиб кетса пичоққа ёпишади. Йигирманчи йиллардаги қирғинда ҳам одам ёқишмаган экан. Бу қанақаси бўлди?

Маёр бу гапни эшитиб, қўлидаги пиёлани жойига қўйиб, стол устини черта бошлади.
— Қизиқ гап, — деди у ўйчан тарзда. — Мулоҳаза қилиб кўрадиган гап.
— Ўйлаганда-ўйламаганда биз ҳеч нима қила олмаймиз. Ғишт қолипдан кўчиб бўлган. Биз бир-икки ўғрини ушлаб, қамаб, керилиб юрибмиз. Бу ёқда биз билмаган, минг ўйлаб бир каллага келмаган ишлар бор экан. Нималаргадир ақлим етиб турибди, лекин ўша нималарнидир исбот қилиб бера олмайман. Исбот қила олмаганимдан кейин менинг ақлимга нўл баҳо! Хўш, бу гапларнинг фойдаси йўқ. Қорин тўйди, бир ғам кетди. Бўладиган гаплардан гаплашайлик. Прокурор, дардингни айт.

Зоҳид кавказликларнинг ўлими ҳақида билганларини, гумонларини баён қилди. Ҳамдам диққат билан эшитди. Маёр Солиев стол чертиш билан овора бўлди. Зоҳид гапдан тўхтаб, маёрга қаради.
— Эшитувдим, — деди Солиев хотиржам тарзда. — Гумонларингда жон бор. Лекин бу ўлим тасодиф бўлиши ҳам мумкин.
— Гувоҳларни йўқотишга киришишган бўлишса-чи? — деди Ҳамдам.
— Бўлиши мумкин. Унда энди кимнинг гали?
— Албатта ўликхонадаги бадбашараники, — деди Ҳамдам.
— Бадбашара? У ким? — деб сўради маёр Солиев.

Ҳамдам бугунги ҳангомаларни бир бошдан, батафсил айтиб берди.
— Агар янглишмасам, энди иккита гувоҳ қолади. Биттаси ўша, яна биттаси — такси ҳайдовчиси. Уларни қўлдан чиқармаслик керак.
— Нима қиламиз? Қўриқлаймизми? — деб сўради Зоҳид.
— Фойдаси йўқ. Ўликхонадагини қамаш керак. Таксичини қочириб юборамиз. Буни ўзим эплаштираман.
— Эрталабгача ўйлайлик, — деди маёр Солиев.
— Бу ҳам яхши таклиф. Прокурор, энди чўнтакни кавла. Ошхона хўжайинига салом бериб қўй. Олмайман, деб ноз қилади-ю, аммо чўнтагига беш- ўн танга солиб қўявер. Яна қорнимиз оғриб юрмасин.

XIX боб

1

Чувринди Анварни бўлажак сафардан огоҳ этгач, Элчинникига борди. Кечаги аҳдлашувга мувофиқ Элчин Ҳалимжонни топиб, уйида кутиши лозим эди. Ҳар ишда аниқликни, пухталикни яхши кўрадиган Чувринди бу сафар ҳам одатига хиёнат қилмай, айтилган вақтда келди.

Дарвоза эшиги очиқ бўлгани учун Элчин унинг келганини билиб, ўрнидан турди. Ҳалимжон ҳам туриб унга эргашди. Чувринди ўрнидан қўзғолмади, ўтирган ерида сўрашди-да, Ҳалимжонга қараб «ўтир» деган маънода орқа ўриндиққа қараб қўйди. Элчин «мен ҳам борайинми?» демади. Чувринди унга «сиз ҳам юринг» деб лутф қилмади.

Машина ўрнидан қўзғолгач, Чувринди Ҳалимжонга кўзгу орқали қаради: «Гавдаси чайир, яхши. Кўзида маъно бор. Қаеридир Жамшидга ўхшайди. Шу ўхшашликни сезсалар, Бек акамга маъқул бўлар...»
— Менинг кимлигимни биласанми? — деб сўради Чувринди, унга бир қараб олиб.
— Элчин акам айтдилар.
— Унда қаёққа бораётганимизни, кимлигимизни ҳам биларсан?
— Ҳа.
— Асадбекни эшитгансан-а? Одамлар ҳар хил гаплар тўқиб юришади. Ўша гапларга ишонасанми?
— Гаплар кўп-ку, қайси бирини айтасиз?
— Масалан... — Чувринди бир оз ўйланди. — Масалан... одам ўлдиришга.
— Ишонсам ҳам бўлади, ишонмасам ҳам.
— Бу нима деганинг?
— Ишонса бўлади, деганимки, одамлар ўлиб турибди, йўқолиб турибди. Кимлардир қиляпти бу ишларни. Асадбек қачондир...
— У сенга Асадбек эмас, ўртоғингми Асадбек, дейсан?! Бек ака, деб айт!
— Хўп... Бек ака қачондир одам ўлдиртирган бўлсалар, бас, бўрининг оғзи барибир қон-да. Агар мени ўшанда ўлдириб юборишганда, балки буни ҳам одамлар Асадбек акадан кўрармидилар.
— Энди ишонмаслигингни айт.
— Ишонмаслигимки, ўз кўзим билан кўрмаганман. Мен ҳамманинг гапига ишонаверадиган лақма эмасман.

«Дурустсан, бола», деб қўйди Чувринди.
— Агар сенга одам ўлдиришни топширсак-чи, бажарасанми?
— Йўқ.
— Жавоб беришга шошилма. Аввал ўйлаб кўр.
— Ўйласам-ўйламасам жавобим битта.
— Биз билан бирга бўлган киши буйруқни бажармаса ўйиндан чиққан ҳисобланади. Ўйиндан чиқдими, демак, у хоин. Хоиннинг жазоси эса...
— Ўлимми?
— Бошқа жазолар ҳам бор.
— Барибир одам ўлдирмайман.
— Қизиқ... агар номусингга тегадиган иш бўлса-чи, унда ҳам ўлдирмасмидинг?

Ҳалимжон жавоб қайтармади. «Агар қизга етиша олмасам уларни ўлдираман», деб онт ичган эди. Аммо қасамни амалга оширишга қудрати етадими, йўқми — аниқ билмасди.
— Мен бир нарса сўраганимда дарров жавоб бер.
— Билмадим... Ҳар ҳолда ўлдиришга ҳаракат қилардим. Ёки...
— Нима ёки? Фикрингни яширма.
— Ёки... ўзимни ўлдирардим...

Чувринди кулди:
— Бу йигитнинг гапи эмас! Йигитнинг номуси топталса ўч олиши шарт. Ўчнинг шарти бир — ўлим! Ўч ололмай ўзини ўлдирадиган одам йигит эмас, ҳажиқиз! Билиб қўй, бунақа гапингни бошқа эшитмай.

Машина уч қаватли бино қаршисида тўхтаганида Ҳалимжон «нима учун бу ерга келдик?» деб ажабланиб, Чувриндига қаради. Ҳалимжон бу ерга талаба дўстлари билан бир неча марта келган, учинчи қаватдаги йиғилишларда иштирок этган, оташин нутқларни эшитган эди. Дўстлари оташнафас нутқлардан тўлқинланиб, қарсаклар чалишганда у таажжубланган. Бир куни дўсти:
— Гапларини эшитдингми, зўр у одам! — деб ҳаяжонланганида у:
— Бунақа гапларни телевизорда ҳам, чойхонада ҳам минг-минг одам гапириб ётибди. Кесакдан олов чиққандай ҳовлиқасан-а? Бу одаминг зўр алкашга ўхшайди. Ҳозир бу ердан чиқиб шотирлари билан юзта-юзта отади. Гаплари эсидан ҳам чиқиб кетади. Мингта гапиргандан кўра, битта иш қилсин, қойил бўлай, — деганди.

Ўртоғи эса ундан ранжиб: «Халқ фидойиларини тушунмасанг, бу ерга бошқа келма», деди. Ҳалимжон ҳам: «Агар халқ фидойилари шунақалар бўлса, халқнинг шўри қуриган экан. Бу ерингга келмадим ҳам, кўрмадим ҳам, куймадим ҳам», деб оёғини тортган эди. Ўшандан бери бу бинога яқин келмаётган эди. Ҳозир машина тўхтагандаги таажжуби шундан.

Ҳалимжоннинг қимирламай ўтиришини кўриб Чувринди «Тушмайсанми?» деди-да, пастга олиб тушувчи зина сари юрди. Ҳалимжон таажжубдан қутулмаган ҳолда унга эргашди.

Чувринди Бўтқанинг саломига алик олиб, тўғридаги эшикни очди. Ҳалимжон унга эргашмоқчи эди. Бўтқа йўлини тўсиб ён эшикни очди.
— «Бу қанақа жой? Шуларнинг идорасими? Қизиқ, юқорида бошқа гап, пастда бошқа иш. Тоза топишган экан», деб ўйлади Ҳалимжон.

Ҳалимжонни ярим соатдан сўнг чақиришди. Унга қадар хос хонада Асадбек аввал Красноярга бориш маслаҳатини қилди. Сўнг Чувринди Ҳалимжон ҳақида билганларини гапириб берди.
— Олдин обдан синаш керак эди, — деди Кесакполвон. — Тўғри бошлаб келганинг чакки бўлибди.
— Синашнинг ҳожати йўқ. Уни қарздор қилиб қўйганмиз. Тўғрисўз бола экан, менга шуниси ёқди.

Чувриндининг шу қатъий хулосасидан сўнггина Ҳалимжонни чақирдилар.

Кўринишидан чайир бўлган йигитнинг хонага кириб келиши, салом бериши Асадбекка ёқди. Унинг қаеринидир Жамшидга ўхшатиб юраги ғалати бўлди.

Ҳалимжон ўзи учун нотаниш бўлган икки кишига бир-бир қараб олиб, «қайси бир Асадбек экан?» деб ўйлади. Чувринди унинг ўйини ўқигандай ўтирганларни таништирди:
— Бек акам, — деб Кесакполвонни кўрсатди. Сўнг Асадбекка қаради: — Ҳайдар акам.

Ҳалимжон жилмайди.
— Ҳа, нимага ишшайяпсан? — деди Кесакполвон, зарда билан.
— Узр, — деди Ҳалимжон. — Мен бу кишини Бек акамикинлар, деб ўйлабман.
— Нега шундай деб ўйладинг? — деди Чувринди.
— Кўринишлари, қарашлари, ўтиришлари бошқача. Савлатлари бор.
— Бошқача деганинг нимаси?
— Нима десам экан... — Ҳалимжон ўйланиб туриб Асадбекка тикилди. Сўнг Кесакполвонга қаради: — Сиз хафа бўлманг, Бек ака, бу кишида бошқача виқор бор...

Кесакполвон ғижинди. Чувринди эса кулиб қўйди.
— Тўғри топдинг. Бек акам бу киши.
— Одам ажратишни-ку, биларкансан, ташқаридаги аканг билан солишсанг, эплайсанми? — деб сўради Кесакполвон. — Ё ҳеббимга ўхшаб тагига тушиб ётиб оласанми?

Ҳалимжон унинг кимни назарда тутаётганини фаҳмлади-да, елкасини қисди.
— Қўрқасанми?
— Қўрқишга-ку, қўрқмайман. Лекин синамаган одамимга бир нима дейишим қийин. Худо хоҳласа бўш келмасман.
— Ўзингга ишонмайсанми?
— Ўзимга ишонмасам, сизга рўпара бўлмас эдим.
— Ҳозир чиқиб пачақлаб ташла, десак бажарасанми?
— Вазиятга қарайман. Синаш учун айтсангиз бажармайман. Зарур бўлса, бошқа гап.
— Демак, ўйлаб кўрасан, шундайми? Ақлинг шунақа кўпми?
— Ўзимга етарли бордир, дейман.
— Мен билан шундай гаплашгани қўрқмайсанми? Жаҳлим чиқса шартта отиб ташлашим мумкин-ку, а?
— Жаҳлингизни чиқарадиган гап айтмадим-ку? Сиз сўраяпсиз, мен жавоб беряпман. Жавобим ёқмаслигини билсам ҳам тўғрисини айтяпман. Сизга яхши кўриниш учун бошқача гапиролмайман.

Асадбек Кесакполвон билан Ҳалимжоннинг савол-жавобини диққат билан тинглади. Жавоблардан етарли қониқиш ҳосил қилиб ўрнидан тургач, Ҳалимжон гапдан тўхтади. Асадбек ташқарига чиқмоқчидай эшик томон юрди. Аммо Ҳалимжоннинг ёнидан ўтаётганида кескин бурилди-да, унинг жағига мушт туширмоқчи бўлди. Сергак турган Ҳалимжон ўзини четга олишга улгурди. Асадбек иккинчи марта урмоқчи бўлди, бу сафар ҳам йигит чап берди. Кутилмаганда Кесакполвон ўрнидан сапчиб турди-да, унинг қаршисида яшин тезлигида пайдо бўлиб, тепди. Бироқ, оёғи мўлжалга етмай, мувозанатини йўқотиб, йиқилди. Ҳалимжон буларнинг қилиғини тушунмай, ўзини девор томонга олиб, муштини тугиб, ҳимояга шайланди.

Кесакполвон ўрнидан туриб яна ташланмоқчи бўлганида Асадбек унинг йўлини тўсди:
— Чиранма, етади, — деб Ҳалимжонга яқинлашди-да, елкасига уриб қўйди. — Қани, ўтир.

Кесакполвон мулзам бўлганини сездирмаслик учун Асадбекнинг қилиғини қайтарди: йигитнинг елкасига аста мушти билан уриб «дуруст» деб қўйди.

Ҳамма жой-жойига ўтиргач, Асадбек Ҳалимжонга қараб деди:
— Сен ҳозирча Ҳайдар аканг билан бирга бўласан. Бизнинг ишимиз ҳам нозик, ҳам хатарли. Биз билан бирга бўлсанг, фақат ҳимояни ўйламай, ҳужумга шай туришинг керак. Бизнинг ишимиз фақат ҳужум билан битади. Ҳозирча шуни билсанг бас. Қолганини кейин гаплашамиз. Ақлинг борлиги яхши, аммо биз айтган ишни сўзсиз бажаришинг керак. Ақл бизда ҳам бор. Бир иш буюришдан олдин ўйлаймиз биз ҳам. Кунимиз одам уришу ўлдириш билан ўтмайди. Энди боравер, эртага сени ўзимиз топамиз.
— Бек ака, юрагимни қон қилиб юрган бир гапим бор, айтиб олай?
— Айт.
— Мен ўтган йили аеропортда тирикчилик қилдим. Билет олиб-сотдим. Кассир қиз билан чиқишиб қолган эдим. Менга уйдан пул келмайди, аравамни ўзим тортишим керак. Беш-ўн сўм ишлаб турувдим. Бир йигит «бу ердан туёғингни шиқиллат» деди. Аеропорт кимга қарашини биласиз, а? Мен ҳам ўшанда билдим. Агар ўзбек келиб «бу жойга бурнингни суқма» деса, Худо урсин, бошқа қадам босмасдим. Унга бўш келишни истамадим. Яна огоҳлантирди. Учинчи марта тўрт киши бўлиб келиб урмоқчи бўлди. Тўртталасининг жағини ёриб, кейин оёғимни уздим. Бу қанақаси, Бек ака, ўзбек ўз юртида ўз ризқини териб юра олмаса? Сизлар билиб туриб нимага индамайсиз? Сиз унинг юртига бориб шундай хўжайинлик қила оласизми? Бир кун... йўқ, бир соат ҳам қўйишмайди.
— Бўлди, тушундим мақсадингга. Ҳар ишнинг вақти-соати бор. Ҳозир улар билан олишишнинг вақти эмас. Тўғри, уринсак, уларга бемалол кучимиз етади, лекин уларни суяб турган тоғ бор. Буни ўзинг кейинроқ тушуниб оласан.

Асадбек гап тамом, деган ишора қилгач, Ҳалимжон чиқди.

2

Асадбек Красноярга нима мақсадда кетаётганини айтгач, Жалил «мен ҳам бораман» деб қолди. Аслида Асадбек уни мазкур сафарга таклиф этмоқ учун уйига борган, «тўғридан-тўғри айтсам, бобиллаб бермасин», деб гапни узоқдан бошлаган эди.

Тайёра ердан кўтарилгач, унинг бирга кетаётганидан қувонди. Ҳарҳолда, бу сафар болалик хотиралари билан боғлиқ. Болалик хотиралари Жалилсиз тўкис бўларканми? Жалил ҳам, Асадбекнинг ўзи ҳам отасини яхши эслашмайди. Урушга кетаётганида гўдак эдилар. Қайтгач эса, узоқ вақт бирга бўла олмади. Дийдорига тўймай яна айирдилар.

Отаси ўлмаган ким бор... деганларидек, ҳамма ҳам қачондир етим қолади. Аммо ота дийдорига тўймай етим қолишнинг армони бўлакча. Ота қабрининг бўлмаслиги яна ёмон... Ниҳоят бир ёмонлик чекингандай бўлди. Узоқ ерларда бўлса ҳам қабр мавжуд экан. Асадбек шунга шукр қилиб боради.

Тайёра бекаси йўловчиларни ширин сув билан сийлагач, Жалил чўнтагидан қоғоз чиқарди-да, пичирлаб ўқий бошлади. Асадбек унинг қайта-қайта ўқишидан ниманидир ёд олаётганини фаҳмлади. Ҳозир у суҳбатлашиб кетишни истаётган эди. Шу боис

Жалилнинг бу тарзда ўтиришига узоқ тоқат қилолмади:
— Нима ўқияпсан?
— Жаноза дуосини ёдлаяпман, — деди Жалил, қоғоздан кўз узмай.
— Шу пайтда ёдлагинг келиб қолдими?
— Етгунимизча ёдлаб олишим керак. Адангга жаноза ўқиймиз. Домладан сўрадим, кейин ўқиса ҳам бўларкан. Ҳойнаҳой сен қабрга гул қўярсан, мусулмончиликка сенинг ақлинг етмайди.

Чиндан ҳам ақли етмади. Буни ўйлаб ҳам кўрмабди. Мурдани кўчиришни истабди-ю, бу хаёлига келмабди. Мурдани кўчириш ҳам орзулигича қолди. Чувринди Собитхон қорига учраб, маслаҳат солганида у қатъий равишда «безовта қилманглар» деди. Агар Собитхон қори «кўчириб кўминглар» деб фатво берганида Чувринди ҳам отасининг жасадини қабристонга кўчирмоқчи эди. Қоридан қатъий рад жавобини олгач, ўз дардини дастурхон қилиб ўтирмади. Ҳозир икки дўстнинг қисқа суҳбатини эшитиб, яна ўз отасини эслади. У «мен ҳам жаноза ўқитиб қўйсам бўларкан», деб ўйлади-ю, бувисининг:«Кута-кута тўртинчи йили боламга аза очдик, бобонг масжидга чиқиб йўқ ўликка жаноза ўқиттирди», деган гаплари ёдига тушди.

«Жанозани-ку, кеч бўлса ҳам ўқитишган-а, кўмиш-чи? Кафанлаб кўмишганмикин? Ё қўрқувда, шошилинчда икки буклаб кўмиб қўя қолишганмикин?» Шу фикр хаёлига келди-ю, онасидан, тоғасидан, унинг отасидан янада баттар нафратланди. «Бек акам бир армондан қутуляптилар. Оталарининг сўнгги маконини топадилар. Қабрда ётган оталари билан хаёлан бўлса ҳам гаплаша оладилар. Мен-чи? Мен қаёққа бораман? Қандай гаплашаман? Йиғлагим келса қайси қабрнинг тепасига бориб йиғлайман? Бек акам-ку, оталарини оз бўлса ҳам кўрганлар. Қучганлар, ўпганлар... Мен-чи?.. На ота ҳидини биламан, на она исини... Бек акам ўч олишга улгурдилар, пича бўлса-да, хумордан чиқдилар. Мен-чи? Кимдан ўч оламан, ўша чолларданми? Умр бўйи қўрқувда, титроқда яшаган бу чолларни ўлдириб нима барака топдим? Сирлари ошкор бўлганини билиб, ўлмай туриб ўлишди, пичоқсиз сўйилишди...»

Бошини суянчиққа қўйиб, кўзларини юмиб олган Чувринди мана шуларни ўйларди.

Асадбек яна бир гап айтса, Жалилнинг портлаб кетиши мумкинлигини билиб, жим бўла қолди. Бегона одамлар орасида Жалилга ортиқча гап айтган одамнинг шарманда бўлиши тайин.

«Майли, дуосини ёдлайверсин, жаноза ўқигиси келса, ўқисин. Домла ўқиш керак, деб бежиз айтмагандир. Ўқиб қўйгани дуруст. Ўқимаса нима бўларкин? Жаннатга тушмасмикин? Нега тушмайди? Бу дунёни азоб билан ўтқазган, бировга ёмонлик қилмаган бўлса?.. Гуноҳни қилиб юра-юра ўлганида жаноза ўқиб қўйилса, тўғри жаннатга тушаверса?.. Қизиқ...»

Асадбек, гарчи маҳалласидаги масжид қурилишига ҳомийлик қилаётган бўлса-да, ислом илми, шариат ҳукми деган тушунчалардан ниҳоятда йироқ эди. Унинг назарида марҳум лаҳадга қўйилиши билан тўғри жаннатга ёки дўзахга йўл олади. Асадбек қиёмат, ундаги ҳисоб-китоб, номаи аъмол, Расуллуллоҳнинг шафоати каби гапларни эшитмаган, эшитган бўлса ҳам уқмаган бандалардан эди. Шу сабабли отасига жаннатдан жой тайин этиш учун жаноза ўқиб қўйиш албатта зарур, деган қарорга келди. Шунга ақли етган дўстини қучиб олгиси келди. Лекин бунга журъат этмади. Чунки у Асадбек, дўсти эса Жалил, яъни иккови оҳанрабонинг икки қутби эди.

Шу онда курагида қаттиқ оғриқ туриб, инграб юборганини ўзи ҳам сезмади. Кўзлари юмуқ бўлса-да, ўзи зийрак ётган Чувринди бошини кўтарди.
— Бек ака, нима бўлди? Мазангиз қочдими?
— Курагим шамолладими, дейман. Санчиқ турди. Эзиб қўйсанг-чи...

Асадбек шундай деб энгашди. Чувринди унинг елкаларини уқалади. Оғриқ зўрайиб, Асадбек қаддини ростлади.

Чувринди тайёра бекасини чақириб, сув сўради. Асадбек сув ичгач, суянчиқни тушириб, оғриётган курагини тираб ётди.

Красноярга етганда тайёра тоғдай бўлиб турган қўнғир булутлар орасини ёриб кириб, титрай бошлади. Йўловчилар ўзларини тайёрада эмас, шағал ётқизилган йўлда кетаётган эшак аравада хис қилдилар. Хаста одамларнинг дарди қўзиб, тайёра бекаси тинчини йўқотди. Тайёра барчани беҳаловат қилиб қўйди.

Шаҳар осмонини булут қоплаган, салқин шамол эсиб турарди. Бир неча соат илгари жазирамадан нолиган одамлар энди салқинда қунишиб туришарди.
— Асад, — деди Жалил жунжикиб, — битта такси тўхтатиб, борадиган жойимизга жўнаворайлик.

Асадбек унга қараб «хўп», деб кулимсираб қўйди. Кўнглидан эса бошқа гап ўтди: «Э нодон бола, сен Асадбекни ким деб юрибсан? Ҳаммага ўхшаб хуржунини осилтириб, таксига қўл кўтариб юрса Асадбек бўлармиди? Дунёдан гўллигингча ўтасан шекилли, сен бола. Ҳозир «бу ерларда такси бўлмайди, яёв кетамиз», десам ишонармикинсан? Ке, қўй, яна шаллақилигинг тутиб қолмасин...»

Жалилнинг чиндан ҳам соддалиги бор эди. Содда бўлмаганида оғайнисининг кўзга кўринмас, аммо ўзига хос кичик бир мамлакат подшоси эканини, бундай подшоҳлик ҳар бир юртда мавжудлигини фаҳм этган бўларди. Росмана юрт эгаларининг борди-келдилари, расмий кутиб олиш, музокараларидаги асъасаю дабдабаларни телевизорда ҳамма кўради. Пинҳоний юртчаларнинг подшочалари учрашувида ҳам иззат-эътибор зўр бўлади, пинҳоний юртчаларнинг бу ишлари ҳам пинҳоний кечади. Катта мамлакат раҳбари бошқа мамлакатга боришдан аввал ўнлаб, балки юзлаб мутахассислар ўзаро учрашиб, кўриладиган масалани тайёрлайдилар. Худди шу каби Чувриндининг йигитлари ҳам бу ерга уч кун аввал келишган, Бек акаларини лозим даражада кутиб олиш тадоригини кўришган. Шубҳасизки, Жалил бундан бехабар, шу боис ҳам таксига тушиш истагини билдирган эди.

Йўловчиларнинг аксари жомадонларини олмоқ учун юкхонага қараб юрдилар. Улар эса тайёрагоҳнинг кенг залига бурилиб, йўлни ташқари майдон сари олдилар. Чувринди бу ерга аввал ҳам бир-икки келгани учун қаёққа юришни яхши биларди. Зални кесиб ўтиб, кўчага чиқай дейишганда уст-боши уринган, кўзлари ҳадик билан олазарак боқувчи аскар йигит Жалилга яқинлашиб, ўзбекчалаб салом берди.
— Ҳа, укам, хизматлар қалай? — деди Жалил, саломга алик олгач.
— Жуда зарур гапим бор, — деди йигит, атрофига аланглаб олиб.

Жалил тўхтади-да, «нима гап?» дегандай орқасига ўгирилган Чувриндига:
— Ҳозир орқаларингдан етиб оламан, — деди.
— Кўчада турамиз, ҳаялламанг, — деди Чувринди.
— Ҳа, укам, пул-мулинг тугаб қолдими? — деб сўради Жалил йигитдан.
— Жуда зарур гап бор, юринг, йўқ деманг, илтимос. Дўппингизни кўриб, Ҳизир бувани кўргандай қувониб келдим олдингизга, — йигит шундай деб йўл бошлади.

Жалил: «Бу ёғи қизиқ бўлди-ку, бола пақирнинг иши чатоққа ўхшайди», деб унга эргашди. Аскар йигит йўл ости йўлаги орқали юриб юк сақланадиган хона ортига ўтди. Нимқоронғи бурчакда яна икки аскар йигит ўтирарди. Улар ўринларидан туриб салом беришди. Уларнинг заиф, титроқ овозлари аҳволлари ночор эканидан далолат берарди.
— Сенларга нима бўлди, нимага бу ерда биқиниб ўтирибсанлар? — деди Жалил ажабланиб.
— Икки кундан бери шу ердамиз. Очмиз. Уйга кетолмаяпмиз.
— Нима бало, қочдиларингми?
— Қочдик... Бошқа илож қолмади. Қочмасак ўлардик.
— Нега?
— Фарғонада ўзбеклар туркларни қирган экан. Шундан бери «узбек басмач» деб бизга кун беришмайди. Турткилашади, уришади, «ваҳший итсанлар» деб ҳақорат қилишади.
— Командирларингга айтмайсанларми?
— Айтдик. «Қўлимиздан ҳеч нима келмайди» дейишди. Қўшни қисмда бир болани уриб ўлдиришди. Уч кун олдин бизни ёмон уришди. Анави оғайнимнинг кўкрагига тепишибди. Қовурғаси синганга ўхшайди. Оғриғига чидай олмаяпти.

Йигит шу сўзларни айтиб, умидвор кўзлари билан тикилди.
— Бизни ташлаб кетманг, амаки, ёрдам беринг, — деди кўкрагини ушлаб ўтирган аскар заиф овозда.
— Гапингни қара, укам, сенларни ташлаб қаёққа кетаман. Тўхта, нима қилишни ўйлаб олай.

Ўйлагани билан тайинли фикрга келолмади.
— Патрулнинг қўлига тушсак, ҳаммамиз кетамиз, — деди бояги зорли овоз.
— Йиғлама, укам, ҳар қандай шароитда ҳам йиғлама, сен эркаксан, эркакка ўхшаб гапир. Энди гап шу: қимирламай турларинг. Шерикларим билан маслаҳатлашиб келаман.
— Кечадан бери икки киши шундай деб кетди, — деди бошлаб келган йигит.
— Менга қара, укам, мен унақалардан эмасман. Дўппимни кўриб ишониб келдингми, энди шу ишончингда тур.

Жалил шундай деб тез-тез юрганича изига қайтди.

Кўчада Асадбек билан Чувринди кулранг костюм кийган, қизил галстук таққан, кўриниши кибор, қирқ ёшлардаги бир одам билан гаплашиб турардилар. Жалил яқинлашиши билан Асадбек уни «қадрдон дўстим», деб таништирди. Кибор эса сохта жилмайиш билан унга қўл узатди-да:
— Козлов, Алексей Петрович, — деб ўзини танитди.
— Шу ерлик қадрдонлардан, — деб изоҳ берди Асадбек.
— Асад, жиддий гап бор, — деди Жалил, унинг изоҳига эътибор бермай.
— Кейинроқ гаплашсак бўлмайдими? — деди Асадбек нохуш тарзда.
— Йўқ, эшит, — Жалил шундай деб кўрганларини баён қилди. — Ташлаб кетсак болалар увол бўлади. Аҳволини кўрсанг, йиғлаб юборасан. Юр, ўзинг бориб кўр уларни.

Асадбек «буёғи қандоқ бўлди?» дегандай иягини қашиди. Сўнг Чувриндига қаради:
— Маҳмуд, бориб кела қол. Пул-мул бер.
— Одаммисан ўзинг! — деди Жалил зарда билан. — Ўзинг борсанг, моягинг узилиб тушадими?!
— Бақирма. Нима керак бўлса Маҳмуд эплаштиради. Сендан битта илтимос, бу одам олдида билиб муомала қил, шарманда бўлиб кетмайлик. Уйда ҳар қандай зардангни, сўкишингни кўтараман. Бу ер ўрни эмас. Иззатни билиш керак.

Козлов уларни муҳим бир нарса ташвишга солаётганини сезиб, гапга аралашди:
— Асад, нима гап, айт менга?

Асадбек Жалилдан эшитганларини қисқа ҳолда баён қилди.
— Маҳмуднинг боришига ҳожат йўқ. Ўша йигитларни учириб юбориш керакми? Нў проблем! — Козлов шундай деб тўрт-беш қадам нарида турган басавлат йигитлар сари юрди-да, уларга нимадир деб уқдирди. Улардан иккитаси шу заҳоти ичкарига қараб юрди. Козлов эса Асадбек ёнига қайтди: — Шу самолётда учириб юборишади. У ёқда кутиб олишни ташкил қилиш керак. Патрул у ёқда ҳам бор.
— Телефон қилиб депутатга тайинлайман, — деди Маҳмуд Асадбекка қараб. Асадбекнинг пешонаси тиришди:
— Керакмас. Унинг ғалва кўтаришга баҳона тополмай юради. Ҳайдарга айт. Болаларни кутиб олиб, уй-уйига етказсин. — Асадбек Жалилга қаради. — Кўнглинг ўрнига тушдими?
— Мен кузатиб келай. Ҳар ҳолда... ишончлими буларинг?
— Майдалашма. Биз сенинг ҳукуматингга ўхшаб иккита гапирмаймиз.

Улар Козловнинг таклифи билан машиналарга ўтирдилар. Жалил такси ҳақидаги гапини эслаб, «Буларни ҳам ўзимга ўхшаган одам дебман-да», деб соддалигидан кулиб қўйди.

Уларни шаҳар ташқарисидаги ўрмон бағрига жойлашган хос меҳмонхонага олиб бордилар. Дарахтлар панасидаги икки қаватли ёғоч уй унча кўзга ташланмас эди. Уйнинг орқа томонидаги қизлар билан гавжум бўлгучи ҳовуз ҳаво салқинлиги туфайли бугун бўш. Шодон қийқириқлар ҳам эшитилмайди. Уй ёғочдан бўлгани билан ичкариси шоҳона безатилган эди.
— Ёғоч уйга олиб келди, деб энсанг қотдими, Асад, — деб кулди Козлов. — Уй пишиқ ғиштдан. Экзотика учун олд томонига ёғоч қоплатганман. Руснинг уйи экани билиниб турсин.

Меҳмонхонада зўр зиёфат учун ҳозирлик кўриб қўйилган эди. Козлов кўрсатган ўринларга ўтиришгач, Жалил колбаса солинган ликопчани Асадбек томонга суриб қўйди. Унинг бу ҳаракати Козловнинг зийрак нигоҳидан четда қолмади.
— Чўчқа емасликларингни биламан. Бу ердаги ҳамма нарса мол гўштидан, еяверинг, — деди у кулимсираб.
— Барибир чўчқа ёғи солинади, — деди Жалил бўш келмай.
— Қилиқ қилмай, ана қайнатилган гўштдан еявермайсанми? — деди Асадбек аччиқланиб.
— Гўшт ҳам емайман. Шу колбаса кесилган пичоқда кесишган. Барибир ҳаром.
— Кечагина ароқни бўкиб ичиб, дўппингга қусиб юрувдинг. Энди ҳаромни ажратадиган бўлиб қолдингми?
— Сен ўзингни бил, — Жалил шундай деб бир бурда нон синдириб оғзига солди. — Мен сенга ўхшаб зиёфат еб ўрганмаганман. Нон ҳам бўлаверади.
— Нонни ҳам шу пичоқда кесишган.

Бу гапни эшитиб Жалил чайнаган нонини ютишни ҳам, ташлашни ҳам билмай қолди.
— Ют, ютавер, сендақа мулладан ўргилдим.

Асадбек шундай дегач, ажабланиб қараб турган Козловга изоҳ берди:
— Ошнам муллалардан. Тандирдан кечагина узилган хилидан.

Козлов буни ҳазил деб тушуниб кулди.

Даврада Козловнинг йигитларидан ҳеч бири иштирок этмади. Овқатланиб бўлишгач, юмшоқ ўриндиқларга ўтиб ўтиришди.
— Сен, Асад, анархист экансан. Горбач ҳаммага демократия берди-ю, қайта қуриш сенга етиб бормабди. Йигитларинг ҳеч бир нарсани ўзича ҳал этолмайди. Винони тсистернада юборишни ташкил қилинглар, десам, аввал Бек акамдан сўрайлик, дейди. Зўр пушкалар бор, десам...

Гап шу ерга келганда Асадбек йўталиб қўйди-да, Чувриндига қаради. Бу қарашнинг маъносини тушунган Чувринди Жалилга гап айтмоқчи бўлиб оғиз жуфтлади, аммо улгурмади. Жалил ўрнидан турди-да:
— Йўтални ҳам эзвординг. Йўталишни билмасанг, ўзингни қийнаб нима қиласан, чиқиб ҳовузда чўмилиб кел, дегин, ёмғирда чўмилишнинг мазаси бошқача бўлади, — деб эшик сари юрди. Чувринди ёлғиз ўзининг чиқиши ноқулай бўлмасин, деб эргашган эди, Жалил орқасига ўгирилиб, тўнғиллади: — Менга думнинг кераги йўқ. Гапларингни гаплашиб олаверларинг.
— Жалил менинг энг қадрдон дўстим. Лекин бизнинг ишларимиздан ниҳоятда узоқ. Унинг ҳаёти бошқа, — деди Асадбек.

Асадбекнинг «енг яқин дўстим бўлса ҳам унинг олдида сир айтма», демоқчи эканини Козлов тушунди.
— У қаерда ишлайди? — деб сўради Козлов.
— Аниқ билмайман, қаердадир ишчи.
— Ёнингга олмаган экансан-да?
— Бунақа ўжар дунёда битта. У бу дунёда ҳалол меҳнат билан кун кўриш мумкинлигини исбот қилмоқчи.
— Ошнанг битта эмас, бунақалар ҳаммаёқда тўлиб-тошиб ётибди. Горбач айтяпти-ку, ҳамма нарсани ўз номи билан айтиш керак. Буларнинг номи — АҲМОҚ! — Козлов шундай деб кулди. — Хуллас, йигитларинг келди-ю, кетди. Ҳеч нима ҳал бўлмади. Мен сизлардан хафа эмасман. Орамиздаги иш пухта, ҳалол бўляпти. Лекин бир йигитинг бизни гўл қилиб кетди. Эсингдами, сен уни ўн йилча олдин юборган эдинг. Қараб турдик, хор қилмадик. Лекин кетишда ҳаммамизга тупуриб, анча нарсани ўмариб кетибди. Орқасидан одам юборай дедиму, сенга малол келмасин, дедим.

Чувринди гап Шилимшиқ ҳақида кетаётганини билиб, суҳбатга қўшилди:
— Алексей Петрович, одам юбормаганингиз яхши бўлибди. У тинчиди. Хизматига ярашасини олди.
— Йигитларга тайинлаб қўйиш керак: бунақа қилиқ жазосиз қолмайди. Мен бу ерда яшаганим билан қўлимни узатсам Ўзбекистонга, керак бўлса ундан нарига етади, шундай эмасми, Асад?

Козловнинг кейинги гапи Асадбекка сал малол келди. Шу боис гапни бошқа ёққа бурди:
— Яхши. Таклифларингни айт. Систернани ўйлаб кўрамиз.
— Пушкадан олинглар. Ортиқчаси зарар қилмайди.
— Ҳозирча етарли, бор.
— Асад, сен эртани кўрмаяпсан. Эртага етарли бўлмай қолади. Зўрлари бор. Сенга илиняпман. Хитой томондан қора дори...
— Йўқ, — деди Асадбек қатъий, — бу ишларга ўзинг ҳам аралашма, бизни ҳам аралаштирма.

Асадбекнинг курагида оғриқ қўзғалиб, афтини бужмайтирди.
— Нима бўлди? — деб сўради Козлов.
— Курагимни шамоллатдим шекилли, — деди Асадбек.
— Нў проблем! Момент тузатамиз. Тур ўрнингдан. Бунақа касалнинг давоси массаж!

Козлов уни иккинчи қаватдаги ётоқхонага бошлади. Дам ўтмай у хонага оқ шойи халат кийган хушбичим қиз кирди.

3

Козлов айтган массаж фойда бермади, аксинча оғриқни зўрайтириб, иситма чиқарди. Боражак манзиллари Красноярдан қарийб тўрт юз чақирим нарида эди. Козлов меҳмонларни уринтирмай олиб бориб келиш чораларини кўриб қўйган бўлса-да, Асадбекнинг аҳволини билиб, «сафарни кечиктирсакмикин?» деди.
— Пиёда юрмасам, елкамда бир қоп юк бўлмаса, машинада борамизу келамиз, — деди Асадбек, ўзини жилмайишга мажбурлаб.

Бу жилмайиш ниқоби остида оғриқ азоблари яширин эканини барчалари сездилар.

Асадбек гўдак эмаски, уни авраб, насиҳат қилиб ёки алдаб кўндириш мумкин бўлса.
— Йўлда крайкомнинг статсионари бор. Бирров кириб чиқамиз, — деди Козлов мулоҳазаларга якун ясаб.

Козлов «статсионар» деб атаган жой касалхонани эмас, шоҳона дам олиш уйини эслатарди. Энг камида райкомнинг иккинчи котибларигагина насиб этувчи бу кошонанинг катталари Козловни яхши танир эдилар. Унинг биргина имоси билан Асадбек атрофида парвона бўла бошлашди. Асадбек бу ерга киришда «иситмамни ўлчаб дори беришар», деб ўйлаган эди. Қон таркибини текширишдан тортиб юрак уришигача текширилди, ҳатто рентген хонасига ҳам кириб чиқди.
— Бу ер шунақа «ТО-2»1, — деди Козлов кулиб.

Текширишлар тугагач, Козловни иззат билан кутиб олган киши уни четга тортиб, деди:
— Бу оддий шамоллашга ўхшамай турибди. Эмлаб қўйдик, иситмаси тушади. Аммо кечга бориб яна кўтарилиши мумкин. Уч-тўрт кун шу ерда ётса, яна яхшилаб текшириб, узил-кесил бир хулосага келар эдик.
— Ҳозир бир жойга кетяпмиз. Қайтишда кирамиз. Ҳар ҳолда, эртага қайтсак керак. Битта люксни тайёрлаб қўяверинг. Доридан беринг, иситмаси кўтарилса ўша ерда ҳамшира топилар.

Ярим соатлардан сўнг дори таъсир қилиб, Асадбек ўзини енгил ҳис этди. У олдинги ўриндиқда, суянчиқни пастлатиброқ ётиб борарди. Кўзи илиниб ўн-ўн беш дақиқа мизғиди-ю, уйғониб, ўзини аввалгидек тетик сезиб, қаддини кўтарди.
— Қалай? — деди Козлов, уни елкасидан ушлаб. — Тузукмисан? Рангинг яхши.
— Дардни берган Оллоҳ шифосини ҳам ўзи беради, — деди Жалил Асадбекнинг ўрнига жавоб қайтариб.
— Умуман, тўғри гап айтдинг, — деди Козлов, — Худо хоҳламаса Христос2нинг жияни бўлсанг ҳам ҳеч нимага эриша олмайсан. Мен буни амалда кўп синаганман. Мен Худога ишонаман, лекин ибодат қилмайман, шуниси чатоқ. Биласанми, Жора...
— Мен Жора эмасман.
— Жора бўлмасанг Женядурсан?
— Мен Жалилман. Отам раҳматли шунақа исм қўйган, — деди Жалил ўжарлик билан.
— Ҳа, Жалил, узр, эсимдан чиқибди, —деди Козлов кулимсираб, — Асад, шу ўртоғинг менга ёқди. Тўғри одам экан. Бунақа одамни Горбачга рўпара қилиш керак. Қани бир қайта қуриб кўрсин-чи...
— Оғайнимнинг кўнглида кири йўқ, гапларидан хафа бўлма, — деди Асадбек унинг ҳазилидан кулиб.
— Хафамасман, чин айтяпман. У менга ёқди. Шунақа одам билан разведкага бемалол боришим мумкин.
— Мен эса бормайман, — деди Жалил.
— Нимага энди? Яширмай айтавер, нимага?
— Сизлар пулга ўрганган одамсизлар. Дўппи тор келса шерикларингни ҳам икки пулга сотиб юборасизлар.
— Йў-ўқ, — деди Козлов жиддийлашиб. — Шу ерда янглишдинг. Ҳаммани ҳам сотавермаймиз.

Асадбек бошланаётган баҳсдан латта иси келаётганини сезиб, суҳбатга аралашди:
— Алексей, сен бошқа нарса демоқчийдинг. Гапни бурвординг?
— Тўғри танбеҳ беряпсан. Мен айтмоқчи эдимки, ким бўлса бўлсин, мусулмонми, христианинми, буддистми — Худога сиғинади. Лекин бир-бирини тан олмайди. Шунисига ажабланаман. Мана, Жалил, бизларни тан олмайсанлар, а? Нима дердинглар?
— Қайси маънода?
— Бошқа диндагиларни.
— Ҳа... — Жалил бир оз ўйланиб, сўнг жавоб берди. — Кофир деймиз.
— Эсладим. Айнан кофир дейсан. Хўш, нимага? Ахир мен ҳам якка Худо дейман, сен ҳам. Қани жавоб бер.

Жалил бу хилдаги баҳсни, бунақа қийин саволни кутмаган эди. Ислом илмининг алифбосини ҳам билмайдиган одам учун бошқа дин вакили билан баҳслашиш осон эмас. Асадбек кеча ҳазил билан бўлса-да, тўғри айтиб эди. Тағин ҳам Асадбек уни аяди «чала мулла» деса янада аниқроқ баҳо берган бўларди.

Жалил шу топда жавобга қийналса ҳам, чала муллалигини ошкор қилгиси келмади. Чунки баҳсга чорлаётган одамнинг диний илми баттарроқ чала эканини билиб турарди. Жалил «шу чалага гапимни берайинми энди», деган фикрда муллалардан эшитганларини эслаб, жавоб берди:
— Кофир деганмизнинг боиси шуки, Худо деган билан иш битмайди. Худо деб туриб ҳаромдан қайтмайсизлар. Ароқ ичасизлар, тўнғиз гўшти ейсизлар, зино қиласизлар...
— Шунинг ўзими? — деди Козлов.
— Бу камми? — деди Жалил.
— Яхши. Бу нарсалар сизларнинг китобингизда ҳаром қилинган. Бизникида ҳаром қилинмаган. Хўш, бунга нима дейсан?
— Қуръони карим охирги китоб. Оллоҳ бандаларини ҳаромдан қайтариш учун бу муқаддас китобни туширган. Бутун инсон болаларининг шу охирги китобга бўйсуниши шарт.
— Итоат этмаса-чи?
— Итоат этмаса кофир бўлади, қиёматда дўзахда ёнади.
— Демак, мен дўзахда куяман, сен эса жаннатда мазза қиласан, шундайми?
— Буни Оллоҳ билади.
— Йўқ, бу гап билан мендан қутула олмайсан. Сен ўз гапингни айт.
— Менинг билганим... — Жалил қарасаки, масала чигаллашиб кетяпти. Қайси бир йиғиндаги Собитхоннинг «баҳсда чуқурлашманглар» деган гапини эслаб, суҳбатга якун ясамоқчи бўлди: — Мен ўрисчада яхши тушунтириб беролмайман. Биз томонларга борсангиз, ўрисчани қотириб ташлайдиган муллаларимиз бор. Ўшалар тушунтириб беришади.

Асадбек унинг бу баҳонасидан кулди:
— Бўш келмайсан-а, кўп нарсани ҳали билмайман, деб қўя қолсанг-чи.
— Сен жим ўтиравер. Ҳарҳолда сендан кўпроқ биламан.

Шундан сўнг йўлда бора-боргунча бундай жиддий мавзуларга қайтмадилар.

Пешинга яқин катта йўлдан бурилдилар. Ўрмончининг уйини эслатувчи овлоқроқ ерда уларнинг келишларига турли таомлар тайёрлаб қўйилган эди.
— Меҳмондорчиликни ўрнига қўйяпти-а, — деди Асадбек Чувриндига.
— Бухорога олиб борганимизда ҳар икки соатда бир зиёфат берган эдик. Эсида қолган экан-да.
— Ҳарна бўлганда ҳам ёмон бола эмас, бу. Алоқани сира бузмаслик керак.

Манзилга етгунларига қадар яна икки ерда шундай ҳордиқ чиқаришди.
— Ярим соатда етамиз, — деди Козлов оқшомга яқин. — Олтмишинчи йилдан бери лагерга одам қўйилмаётган эди. Эшитишимча, яна одам қўйишга тайёрлашаётган эмиш. Лагер ёнида қабристон бор. Отанг ўша ерда. Йигитлар лагер архивини титиб, рақамига қараб аниқлаб қўйишган.

Занглаган симтиконлар билан ўралган, Козлов «лагер» деб атаган улкан қамоқхона яқинида уларни икки йигит кутиб олди.
— Асад, — деди Козлов, йигитлар билан саломлашиб олгач, — лагерни кўрасанми ё қабристонга борасанми?

Асадбек симтиконлар ортидан кўриниб турган, ярми ер остида бўлган бостирмаларнинг хунук манзарасига тикилиб қолди. Шу ерларда отаси юрган... Ҳозир қийшайиб қолган ёғоч миноралар устида соқчилар турган... Итлар акиллаган... Зобитлар бақирган... Қарийб ўттиз йилдан бери бу қамоқхона ташландиқ ҳолда. Симтиконларга атайин тегилмагандай. Гўё бу симтиконларнинг бугун ҳам хизмати бордай... Аввал унинг вазифаси одамларни қочирмаслик эди. Энди-чи? Бу симтиконлар ортида одам бўлмаса-да, неча минг юракнинг зорли нолалари қолган, неча минг марҳумнинг руҳлари тунлари сарсари кезади бунда... Зорли нолалар бу симтиконларга урилиб акс-садо беради. Шу қадар кучли акс-садо берадики... уни ҳеч ким эшитмайди. Қақшаган руҳлар эрк илинжида ўзларини шу симтиконларга уриб фарёд урадилар. Уларнинг фарёдлари шу қадар кучлики... уларни ҳеч ким эшитмайди... Асадбек симтиконларга қараб шуларни ўйлайди. Қулоғи шанғиллади. Назарида у отасининг фарёдини эшитгандай бўлди. Юраги зириллади. Нафаси қайтди. Кўзи тинди. Гандираклаб кетай деди. Зийрак турган Чувринди уни билагидан ушлаб қолди.

Асадбек чуқур нафас олиб, сир бой бермаслик учун:
— Қабристонга борамиз, — деди.

Козлов бу гапни эшитиб имо қилган эди, буйруққа илҳақ бўлиб турган йигитлар чаққон равишда «Жигули»га ўтириб, йўл бошладилар.

Ўнқир-чўнқир йўл бўйлаб анча юришди.
— Лагер дегани битта колхознинг ерича бор экан-да, а? — деди Жалил ҳайратланиб. — Минг-минг одам сиққандир бу ерга? Дарахт кестиришганми уларга?
— Омади борлар дарахт кесишган. Қолганлари шахтада ишлашган. Ўн чақирим нарида шахта бор, — деди Козлов.

«Отам нима қилган? Ким билади? Ҳеч ким...» деб ўйлади Асадбек.

Ниҳоят тиконли симдевор тугаб, йўл чапга қайилгач, кичкина ёғоч уй қаршисида тўхташди. Улар машинадан тушгунларига қадар уй остонасида бир кекса одам кўринди. Узун соқолли, қошлари оппоқ оқарган, устига эскироқ, аммо озода костюм кийган бу одамнинг юзидаги нур барчаларига бирдек таъсир қилди.
— Шу қабристонга қараб тураркан. Оталарини танир экан, — деди йигитлардан бири Козловга.

Бу гапни эшитиб Асадбекнинг юраги ҳаприқиб кетди. Югуриб бориб қарияни қучоқлаб олгиси келди. Югуришни истади, бироқ оёқлари ўзига бўйсунмади. Жойидан қимирлай олмади.

Қария улар томон бир-бир босиб келиб:
— Ассалому алайкум, меҳмонлар, келинглар, — деб барчаларини ҳайратда қолдирди.
— Сиз, бўтам, Асаджонсиз, тўғри фаҳмладимми? — У шундай деб тошдек қотган Асадбекни бағрига босиб, юзини юзига қўйди, елкаларини силади. — Баракалла, бўтам, хуш келибсиз. Келишингизга дадангиз раҳматли ишонган эдилар. Сиз дадангиз раҳматлига ўхшабсиз, умрингиз ўхшамасин. Бу йигит... Самандарми? — деди у иккиланган ҳолда.
— Бу йигит тутинган укам — Маҳмуд. Бу девор-дармиён қўшним, ошнам Жалил, — деди Асадбек.
— Самандар қани? — деб сўради қария.
— Самандар... ўлган. Эллик учинчи йилда.
— Эллик учда? Астағфируллоҳ!.. Қайси пайтда?
— Сталин ўлган куни.
— Астағфируллоҳ... Астағфируллоҳ... Ё Раббим, ўзинг қудратлисан! Бўтам, отангизнинг хасталиклари худди шу куни бошланган эди. Аниқ эсимда. Бир ҳафта деганда жонлари узилди. Оллоҳ раҳмат этсин, — қария шундай деб пича сукут қилди. — Қани, лутф қилингиз, кулбамизни обод этингиз.

Отаси ҳақидаги ўйлар билан банд бўлган Асадбек қариянинг уйга таклиф этаётганини дарров тушуниб етмади. Буни фаҳмлаган Чувринди унинг ўрнига жавоб берди:
— Аввал мозорбошига борсакмикин?
— Ихтиёрингиз... — Қария шундай деб дўмпайиб турган қабрлар сари юриб пичирлаб дуо ўқиди, сўнг овозини чиқариб деди: — Ассалому алайкум, эй мўъминлар, сизлар бизлардан аввал келдингиз бу ерга, биз ҳам бир кун келармиз...

Бу гап Асадбекка таъсир этиб, этлари жимирлашиб кетди. Қария билан изма-из бораётган Жалил ундан аста сўради:
— Бу ердагиларнинг барчаси мусулмонми?
— Йўқ, — деди Қария, — аралаш қўйилган. Рақамларга қараб кўпларини эслаб қолганман. Биродарларимни кунда бир зиёрат қилиб тураман.

Ўт босган қабрлар орасидаги лозимини қийналмай топиб боришди. Ўтлар топталиб, ёлғизоёқ сўқмоқлар ҳосил бўлганидан қариянинг рост сўзлаётганини сезиш мумкин эди.
— Раҳматли дадангиз шунда мадфундурлар, — деди қария, сўнг кўрсатган қабри ёнига ўтирди. Асадбек унинг ўнг томонига, Чувринди билан Жалил чап томонига ўтирдилар. Орқароқда келаётган Козлов, гул кўтариб олган йигит бир неча қадам нарида тўхташди.

Қария «тиловат қиласизми, бўтам?» деган маънода Асадбекка қаради. Буни сезган Жалил билган сураларини овозини баралла қўйиб ўқий бошлади...

Дуодан сўнг Жалил ўрнидан турди-да, «Салоти жаноза» деб қўйди. Қария унга ажабланганича қараб:
— Бўтам, жаноза вақтида ўқилган, — деди.
— Шу ерда-я? — деди Жалил таажжубини яширмай. — Ким ўқиган?
— Мен... Қани, ўтирсинлар... Тарих шуки, камина ҳам шу қамоқхона тузини тотганлардан. Мўъминлар бандаликни адо этганда жанозаларини ўқир эдим.
— Кафан-чи?
— Бу ёғига ожиз эдик. Насорийлар ҳам тобутсиз кўмиларди. Мўъминларнинг юзларини қиблага мойил қилиб, сўнг бетларини тупроқ тегмайдиган қилиб ёпиб, сўнг кўмардик. Бошқа иложимиз йўқ эди.

Бу гапни эшитиб, Чувринди ўз отасини эслади. «Булар-ку, иложсиз эканлар, улар-чи? Кафанладиларми? Юзни қиблага қаратдиларми? Лаҳад қазидиларми экан?..» Чувринди шуларни ўйлаб, хаёлига бир гап келди-ю, сўради:
— Тақсир, энди қабрни очиб, кафанлаб, лаҳад кавлаб қайта кўмилса бўлмасмикин?
— Бунга ҳожат йўқ, бўтам. Бирламчи, марҳумларни безовта қилмаган маъқул. Бунда жасад ётадир. Руҳлари эса валлоҳи аълам эркинликдадир. Иккиламчи шуки, бунда мадфун этилганлар, валлоҳи аълам, шаҳидлик мартабасидадирлар. Аксарлари кофирлар билан олишиб ўлдилар, иншоллоҳким, Яратганнинг ўзи уларга шаҳидлик мартабаси берар. Шаҳидларга эса кафан лозим эмас. Қабристонни зиёрат қилмоқнинг одоби шуки, билган одам «Ёсин»ни ўқимоғи даркор. Орангизда билганлар борми? — Қария шундай деб Жалилга қаради. Жалил елка қисиб, бош чайқагач, тиловатни ўзи бошлади. Унинг қироати шу қадар ёқимли эдики, уччовлари бир онда сеҳрландилар. Козлов қаққайиб туришни ўзига ноқулай деб билиб, йигитнинг қўлидан гулни олди-да, қабр устига қўйиб, аста изига қайтди.
— Раҳматли дадангиз билан уч йилдан ортиқ бирга бўлдик, — деди қария дуодан сўнг. — Чўрткесар, ҳақиқатпарвар эдилар. Худо кучдан ҳам берган эди. Дадангиз келгунларича бизга кун йўқ эди. Аристонлар орасида бир девдай махлуқ бор эди. Тўнғиз деб лақаб қўйгандик. У бор жойда ҳазрати Азроилга ҳожат йўқ эди. Дадангиз келганларида уч-тўрт карра хиралик қилди. Бир куни қарасак, тунда кимдир тўнғизнинг бошини болтада чопиб ташлабди. Бу ишни ким қилганини ҳамма фаҳмлади. Хўжайинлар ҳам сезишди-ю, гувоҳ бўлмагани учун бўйнига қўя олишмади. Раҳматли дадангиз туфайли ўшандан кейин бағримизга шамол тегиб қолди. Катта начайник итфеъл эди. Дадангизнинг пайига тушди. Шахтага ҳайдади. Уч марта овга олиб чиқди. Ов деганимиз Худонинг бир балоси эди. Итфеъл ўзига ёқмаган аристонларнинг беш-олтитасини ўрмон ичкарисига ҳайдаб бориб, сўнг қўйиб юборар эди. Ким эвини қилиб, унинг ўқларига чап бериб, лагерга қайтиб келса келди, бўлмаса «қочишга уринганда отиб ташланди» деб хатга тиркашарди. Учинчи марта дадангизнинг ёлғиз ўзларини олиб чиқишди. Эвлашолмади. Худо ўз паноҳида асраганидан кейин, ўқ дўли ёғдирилса ҳам бир туки узилмайди-да. Дадангизга бошқача ўлим насиб этган экан. Сталин ўлгани ҳақидаги хабар бизга саккизинчи мартда етди. Ўшанда дадангизнинг хасталикларига уч кун бўлган эди. Бу ернинг дўхтири ҳам аристонлардан эди. Ё қўли калтамиди ё илмими, ҳарҳолда чора топмади. Яна уч кундан сўнг иситма аралаш алаҳсираб туриб, узилдилар. Самандарни кўришга илҳақ эдилар. Шу армон билан кетдилар. Яна бир армонлари — сизлардан ҳеч хат-хабар бўлмади. Кўзлари тўрт бўлиб кутдилар.

Бу гапни эшитиб, Асадбек ялт этиб қарияга қаради:
— Қаерга ёзишни билмас эдик. У ёқдаги идоралар маълумот беришмади. Ўзларидан хат олмадик.
— Кўп ёздилар. Ўзим гувоҳман. Билмасам, нечукдирки, сизларга етмаган экан. Хасталанмасларидан бурун ҳам ёзганлари ёдимда. Балки хат бу қамоқхонадан чиқарилмагандир. Балки турадиган ерингизда ғаламислар бўлгандир. Шунақасини ҳам эшитганмиз.

Бу гапдан кейин Асадбек Чувриндига қаради. Чувринди бу қарашнинг маъносини тушуниб, «маъқул» дегандай бош ирғади.

Барчалари учун кутилмаганда Жалил қарияга савол берди:
— Ўзингиз нима учун ўтиргансиз?

Асадбек аччиқланиб, Жалилга қовоқ уюб қаради. Чувринди хижолатлик билан бошини эгди. Қарияга эса бу савол малол келмади:
— Ҳар нарса мавриди билан, бўтам. Бу ерда ҳасрат дафтари ўқиш жоиз эмас.

Қария шундай деб ўрнидан турди. Жалил билан Чувринди унга эргашди. Асадбек ўрнидан жилмади. Унинг қолганига эътибор бермагандай, учовлон уй сари юрдилар.

Асадбек бу оннинг қандай кечишини кўп хаёл қилган эди. Дам қабрни қучоқлаб йиғлаган бўларди. Дам отасининг руҳи билан суҳбатлашарди. Онасининг тақдири, Самандарнинг ўлими, ўзининг саргузаштларини... гапириб берарди. Қария билан учрашув, унинг ҳикояси хаёлларини тўзитиб юборди. Ҳозир тўзонга айланган хаёлларига банди бўлиб, қабрга тикилганича нест ҳолида ўтирарди.

Қария уйига яқинлашгач, Козлов меҳмонларни олиб кетажагини маълум қилди. Қария унинг гапларини эшитиб, бош чайқади.
— Аввал уйга киринглар. Бир пиёладан чой ичинглар. Кеча бу йигитлар келишгандан бери йўлга кўз тикаман. Ошга уннаб қўйганман, ҳозир гуруч солсам, ошдан сўнг майли, сиз мезбонга ўхшайсиз, ихтиёр сизда. Унга қадар Асаджон бўтам ҳам бир нима дер-лар. Бугун у кишининг кўнгилларига қарамасак бўлмас.

Қария шундай деб меҳмонларни ичкари киришга ундади. Козлов «ҳозир бир жойга бориб келаман», деб йигитлари билан «Жигули»га ўтирди. Жалил олдинда, Чувринди унга эргашган тарзда торроқ даҳлиздан ўтиб, уйга кирдилар. Уй ичи саришта, озода эди. Тўрда энсиз каравот, ўртада думалоқ стол. Ортиқча ашёлар кўзга чалинмайди. Қария фотиҳа ўқигач, ўрнидан турди-да, дастурхон ёйди. Токчадаги майиз, туршак, бодом, ёнғоқ солинган ликопчаларни олиб қўйди. Мўъжаз сандиқдан нон олиб, пичоқ билан кесди. Сўнг «дастурхонга марҳамат қилинглар», деб чиқди-да, дам ўтмай чойнакда чой кўтариб кирди.
— Сиз газда қайнаган чойга ўрганиб қолгансиз. Самоварчойни ҳам бир кўринглар-чи, — деди жилмайиб.

Чой ича туриб, қария Жалилга қаради:
— Бўтам, энди ҳалиги саволингизга жавоб берайин.
— Унчалик шарт эмас, — деди Жалил ўнғайсизланиб.
— Шарт эмас-ку, аммо қизиқ-да. Ўрисларнинг овлоқ бир маконида бу ўзбек чол қайдан пайдо бўлди деб ажабланасиз-да. Аслида-ку, бу жойлар кейиноқ ўрисники бўлган. Бу ерларда азалдан турк қавмлари яшаб келган. Бу ёғи Энасой, у ёғи Бойкўл, Ёқутистону Туман, Жета... Замонанинг зайли билан энди ўрисники бўлиб кетди-да. Мен асли марғилонликман, бўтам. Дадам раҳматли ҳофизи қуръон бўлганлар. Атлас тўқишда дадамга тенг келадигани бўлмаган. Йигирма тўққизинчи йили «Ҳамзахонни муллалар ўлдирди», деб илми борларни териб, қамашди. Дадам раҳматлини ҳам ўшанда олишган. Косибчилик қилиб рўзғор тебратаётган одам Марғилонда яшаса, Ҳамзахонни Шоҳимардонда ўлдиришган бўлишса... Шўроларга бир баҳонаи сабаб керак экан-да. Агар дадам ҳофизи қуръон бўлмаганларида биров тегмас эди. Асаджон бўтам билан тақдиримизнинг шу ери ўхшаш экан. Раҳматли дадамни бошқа кўрмадик. Мана шунақанги турмаларда азоб чекиб ўтгандирлар, дейман. Эсласам, ҳали ҳам юрагим ўртаниб-ўртаниб кетади. Кўп ўтмай бизни ҳам қулоқ қилдилар. Украинага тушдик. Шунисига ҳам шукр қилиб, деҳқончиликдан насибамизни териб еб юрувдик, уруш бошланса денг. Қисматимизда бу ҳам бор экан. Бақувват йигит эдим. Немис катталаридан бирининг назарига тушибман. Хизматкор керак экан, Олмонияга жўнатди. Онам, икки укам, синглим фарёд солиб қолаверишди. Уларни шу бўйи кўрмадим. Қамоқдан чиққанимдан кейин ҳам кўп қидирдим, йўқ, топмадим. Немис нима учун менга харидор бўлиб қолди, десам, у урушдан олдин Туркияда юриб мусулмонларнинг озодалигига, тўғрилигига тан берган экан. Бирон ойлардан сўнг ўзи ҳам уйига қайтди. Хизматини ҳалол бажариб юравердим. Мен борган жой урушдан ҳоли экан. Урушнинг тамом бўлганини билмабман ҳам. Бир куни хўжайин: «Уруш тугади, истасанг уйингга қайт, истасанг бошқа хизмат қил, истасанг мен билан юр, Америкага кетяпман», деб қолди. «Америкада менга нима бор», деб уйга қайтмоқчи бўлдим. Марғилонга қайтиш қайда, тўппа-тўғри турмага тиқдилар. Одам болалари шу даражада тўғри йўлдан тойганларки, фақат бир-бирларини алдаб яшайдилар. Ёлғон гап топилмай қолган дамдагина бир-икки рост гапиришга мажбур бўладилар. Шу сабабли бир-бирларига ишонмайдилар. Шу сабабли менга ҳам ишонмадилар. Ҳали у турмада, ҳали бу қамоқхонада юриб, охирги маконим шу ер бўлди.
— Оқланганингиздан сўнг уйингизга қайтавермадингизми? — деб сўради Чувринди.
— Марғилонга қайтиб бордим. Пича яшадим. Уй-жойларимиз мусодара бўлиб кетган. Қариндош-уруғлар танимайди. Танигани борди-келди қилгани қўрқади. Энди қоним қўшилмаслигини сездим. Яна денг, тушларимга шу ерда ётган биродарларим кираверишади. «Бизни ёлғиз қолдирдингми?» деб чирқирашади. Шу сабаб бўлиб бу ёққа қайтвордим-да. Аввал қишлоқда яшадим. Кейин шу уйчани қурдим.
— Тирикчилик нима бўляпти, тирикчилик? — деб сўради Жалил.
— Тирикчиликми? Ерга эгилсангиз, бўтам, ер боқади. Бу томонларда ернинг ҳисоби йўқ. Истаганча деҳқончилик қилиш мумкин. Боғим бор, деҳқончилик қиламан. Оллоҳ насибамни бериб турибди, алҳамдулиллаҳ.

Қария шундай деб соатига қараб олди.
— Мен гуручни солаверай. Кейин шомни ўқиймиз, — деди Жалилга қараб, сўнг Чувриндига қаради: — Сиз бўтам, Асаджонни чақиринг.

Қария билан Чувринди чиқиб кетишгач, Жалил хонага кўз югуртирди. Каравотнинг оёқ томонига жойнамоз тахлаб қўйилибди. Бош томондаги токчада китоблар. Жалил ўрнидан туриб улардан бирини олди-да, варақлади. Араб ҳарфларига тиши ўтмагани учун ҳеч нимага тушунмади. Ўзича «Қуръон бўлса керак» деб тахмин қилди. «Бу одам катта муллага ўхшайди, мен аҳмоқ, унинг олдида жаноза ўқимоқчи бўлдим», деб ўзини ўзи койиди.

Бир оз фурсат ўтгач, қария кириб ундан сўради:
— Таҳоратингиз борми, бўтам?
— Йўқ, — деди Жалил. — Таяммум қилиб қўя қоламан.
— Нимага? — деб ажабланди қария. — Сув бор-ку? Сув бўлса, сиҳатингиз кўтарса, таяммумга йўл йўқ, бўтам..

Шомни ўқиб бўлишганда ҳам Асадбек қайтмади. Жалил бундан фойдаланиб йўлдаги баҳсни айтиб берди.
— Баҳслашмаганингиз дуруст бўлибди, бўтам, — деди қария. — Бунинг учун одамга илм керак. Бунинг учун Инжил билан Қуръони Каримни пухта билиш шарт. Уламолар ҳам бу масалада эҳтиёт бўлиб баҳсга киришадилар. Илм саёз бўлса, исломнинг афзаллигини кўрсатаман, деб акс иш қилиб қўйиш мумкин.
— Сиз билсангиз керак, — деди Жалил китобларга ишора қилиб.
— Менда илм йўқ, бўтам. Ўқиганларим етарли эмас. Бу соҳада менинг билганларим шуки, насронийлар Исо алайҳиссаломдан сўнг адаш йўлга кириб кетдилар. Инжилга ўзларича ўзгартишлар киритдилар. Исо Масихни Худонинг ўғли деб атадилар. Аммо, билингки, бўтам, шу гапларни айтиш билан баҳсни енгиб бўлмайди. Айниқса илмдан узоқ бир одамга гап уқтириш мушкул.

Асадбек кириб уларнинг гаплари узилди. Қария шамчироқни ёқди. Козлов келгач, ош сузилди. Асадбекнинг томоғидан овқат ўтмади.

Козловнинг қишлоққа бориб ётиш ҳақидаги таклифини Асадбек рад этди.
— Мен шу кеч отам ёнида қолай. Жалил билан Маҳмуд сен билан бирга қайтишади, — деди у.

Асадбекнинг аҳволини тушуниб туришгани учун баҳслашиб ўтиришмади. Козлов қарияни бир четга тортди-да:
— Асад бетоб, — деди. — Муюлишдаги машинада бир йигит ўтиради. Агар Асад беҳаловат бўлса, дарров хабар қилинг.

Асадбек қария билан отамлашарман, деб ўйлаган эди. Ёлғиз қолишгач, гаплашгиси келмади. Кўнгил ёлғизликни истади. Ташқарига чиқиб ёғочдан ясалган ўриндиққа ўтириб, қабристон томонга тикилди. Вужудидаги оғриқни ҳам, иситмаси кўтарилганини ҳам сезмади.

Эртасига қария билан хайрлашиб, Краснояр сари йўлга тушдилар. Шаҳарга кирмай, касалхона йўлига бурилдилар. Асадбек анча ҳолсизланиб қолгани учун ундан сўраб ўтирмадилар. Асадбек учун жой ҳозирланиб қўйилган эди. Уни қолдириб шаҳарга қайтишгач, Козлов:
— Асад камида бир ҳафта-ўн кун ётиши зарур экан. Шошилинч ишларинг бўлса, қайтаверинглар. Ўзим хабардор бўлиб тураман. Бу ер ишончли жой, — деди.
— Мен қоламан, — деди Чувринди қатъий оҳангда.— Сизларни ортиқ безовта қилмаслик учун меҳмонхонада тураман.
— Маҳмуд! Сен мени хафа қиляпсан. Агар Козловда битта ошиқча уй, битта ошиқча машина бўлмаса юрган экан-да, а?..
— Жалил ака, сиз-чи? Қайтасизми?
— Калланг борми, сен боланинг! — деди Жалил аччиқланиб. — Агар сенга халақит бераётган бўлсам, айтавер, меҳмонхонангга пулим етмаса вокзалда ҳам ётавераман. Қора нонга қорним тўяди.
— Унақа маънода айтмадим, Жалил ака, хафа бўлманг, — деди Чувринди хижолатлик билан. — Ишингиз зарурмикин...
— Ишим йўқ менинг. Менинг бунақа дўстим битта, билиб қўй. Сен бошқа хўжайин топишинг мумкин, мен бошқа дўст топа олмайман!

XX боб

1

— Менга бу ишларинг ёқмаяпти, — деди Валя, кўзгу қаршисида ўзига оро бераётиб. — Хонгирей билиб қолса... албатта билади, мени жазолайди, сенга эса индамайди.
— Қўрқма, сенга ҳам индамайди.
— Олов билан ўйнашяпсан, Зеля.
— Оловнинг устида туғилганман, оловсиз туролмайман, — деди Зелихон кулиб.
— Шунинг учун ўзинг куймай қоласан, бошқалар эса сен учун жизғанак бўлишади.
— Қўрқма деяпман-ку.
— Яхши, қўрқмадим. Ҳозир йўлга чиқаман. Жамшид келмаса-чи? Аҳмоқ бўлиб қайтиб келавераманми?
— Нега аҳмоқ бўларкансан? Келмаса, иккаламиз ғорни айланамиз. Иштаҳа келиб қолса, балки ўпишармиз. Сен ҳеч ғорда ўпишганмисан?
— Йўқ, — деди Валя жеркиб. — Майнавозчилик қилма. Эслаб қол: ғорнинг учинчи бўлмасида кутасан. Икки йигит орқадан пойлайди.

Зелихон Валянинг чиндан ҳам аччиқланаётганини билиб, бошқа гапирмади.

Зелихон сайёҳларга қўшилиб, ғор ичкарисига олиб кириш учун мўлжалланган вагонга ўтирди-да, ҳар эҳтимолга қарши атрофга аланглади. Ўзини кузатаётган нигоҳни сезмагач, хотиржам бўлди. Ичкарига киргач, яна аланглади. Вагонлар маълум манзилга етгач, тўхтади. Сайёҳлар йўлбошловчининг ғор тарихи ҳақидаги ҳикоясини тинглаб, томошани бошладилар. Зелихон учинчи бўлмага қадар улар билан бирга юрди. Сўнг ёлғиз ўзи қолди.

Новоафон ғорининг учинчи бўлмаси бошқаларига қараганда кичикроқ ҳамда қоронғироқ эди. Сумалакка ўхшаб қотиб турган рангли маъданлардан сув чакиллаб томарди. Зелихон соатига қаради: ўн беш дақиқадан сўнг Валя Жамшид билан учрашиши керак. То у ёқдан, бу ёқдан гаплашиб ғорга киргунларича яна ўн беш дақиқа ўтар, демак, ярим соат кутиши лозим. Зелихон атрофни синчиклаб кузатиб, пана жой мўлжаллади. Маъқул жой топилмагач, тўртинчи бўлмага чиқди-да, Валя билан Жамшид кўрингунича шу ерда кутишга қарор қилди.

Улар мўлжалдан аввалроқ кўринишди. Сайёҳлар учинчи бўлмадан чиқишгач, режа бўйича Валя Жамшидни бир баҳона билан ушлаб қолиши керак. Шунда Зелихон киради. Шунда Жамшид ҳайрат тузоғига тушади. Тузоқдаги қушнинг аҳволи эса маълум.

Учинчи бўлмага киргунларига қадар Жамшид Валянинг етагидаги гўл йигит кўринишида эди. Сайёҳлар чиқа бошлашгач, Валя маъданларнинг сифати ҳақида сўз очди. Жамшид эса унинг сўзларига қулоқ бермай, атрофга аланглади.
— Гапимни эшитмаяпсанми? — деди Валя нозли оҳангда.
— Ҳа, — деди Жамшид.
— Нега?
— Бу гапларни кўп эшитганман. Сен менга бошқа нарсани гапир: академик шу ерда кутиши керакмиди?
— Қайси академик?
— Билмайсанми? Ҳа, яхши, унда гапиравер, кутамиз, — Жамшид шундай деб бўлма оғзига орқасини қилиб туриб олди. Шарпа сезилганда ҳам қарамади.

Зелихон бўлмага аста кирди. Валя уни кўрди, кўзлари билан ишора қилди. Аммо Зелихон бу ишорани нимқоронғида сезмади. У Жамшидга яқин келиб, елкасидан ушлади:
— Жамшид!

Жамшид Зелихон ўйлаганидек сапчимади, кескин ўгирилмади. Ўгирилиб, ҳайратга ҳам тушмади. Астагина ўгирилди-да, заҳарли жилмайиш билан Зелихонга тикилди.
— Академикнинг буйруғига биноан етиб келдим. Хизматларига тайёрман.

Зелихон «айтиб қўйдингми?» дегандай Валяга норози қиёфада боқди.
— Унга қараманг. Сизни кеча кўрганман. Сиз ўғирликда балки академикдирсиз, лекин бунақа ишларда мишиқи болага ўхшаркансиз. Шунча одамни овора қилганингизни қаранг. Мен сиз ўйлагандай нодон ёки лақма бўлсам, шунча йил Асадбекнинг қанотида юрармидим? Гап шу: хонимчангизга ҳам, орқадаги икки югурдагингизга ҳам жавоб беринг. Гапингиз бўлса, яккама-якка гаплашамиз.

Зелихон «чиқ» дегандай Валяга қаради. Валя истамайгина чиқиб, тўртинчи бўлмадаги сайёҳларга қўшилди.
— Шу ерда гаплашамизми ё ёруғ жаҳонга чиқамизми? — деб сўради Жамшид.
— Ёруғ жаҳон ҳам гап эканми, — деди Зелихон, — нақ жаннатнинг киндигида отамлашамиз.

2

Улар тушган машина тоғнинг айланма йўллари бўйлаб юқорилади. «Глория» деб номланган қаҳвахона катта йўлдан четроқда, бегона кўзлардан панада бўлса-да, гавжум эди. Бу ер бошқа жойларга қараганда тинч, тўпланганлар тасодифий хўрандалар эмас, балки доимий мижозлар экани уларнинг бамайлихотир ўтирганларидан сезилар эди. Зелихон қамалмасидан илгари бу ерда тўрт-беш марта бўлган, ҳатто Хонгирей билан ҳам бирга келган эди. Орадан кўп вақт ўтган бўлишига қарамай, капалакнусха галстукли, орқага таралган сочлари оқарган қаҳвахона оғаси уни таниб, иззат билан қаршилади-да, икки кишилик жойга бошлаб борди. Улардан ҳеч ким нима ичасиз, нима ейсиз, деб сўраб ўтирмади.

Жамшид атрофга кўз югуртирди: пастда денгиз ястаниб ётарди. Сарв қоматли арчалар шабадада аста чайқалади. Юқорида қорли чўққилар кўринади.
— Уч-тўрт чақирим нарида Сталиннинг дачаси бор, — деди Зелихон. — Хоҳласанг кўрсатишим мумкин. Хоҳлайсанми?
— Мен бунақа нарсаларга қизиқмайман, — деди Жамшид.

Хизмат қилиб юрувчи йигит биллур идишларда пиво келтириб қўйди.
— Дам олгани келдингизми? — деб сўради Жамшид, пиводан хўплаб.
— Шунақа десак ҳам бўлади.
— Ёлғиз келибсиз?
— Ким билан келишим керак эди?
— Масалан... Ҳофиз билан?
— Унинг ўзига яраша ташвишлари бор.
— Яна қанақа ташвиш? Ўчини олди. Кўнгли жойига тушди. Ё тушмадими? Ҳа... энди мени ўлдиргиси келаётгандир. Биламан, мени ёмон кўради. Аммо айтиб қўйинг унга, мен Шилимшиқ эмасман, менга тиши ўтмайди.
— Сени ўлдирмайди, — Зелихон шундай деб заҳарли илжайди. — Битта одамни икки марта ўлдириб бўлмайди.
— Бу нима деганингиз?
— Элчин сени ўлдириб бўлган. Бунинг учун қайнотасидан тепки ҳам еган.
— Тушунмадим?
— Овсармисан, десам, эсли-ҳушли болага ўхшайсан.

Бу гапдан Жамшиднинг ғаши келиб қошларини чимирди.
— Мени кўпчилик келажакдаги Асадбек, дер эди. Эшитмаганмисиз?
— Эшитмаганман. Аммо қулоғимга «Жамшид — Ўқилоннинг сояси» деган гаплар чалинган. Хўш, ўзингни овсарликка солмаётган бўлсанг айт-чи, мени ресторанда кўрибсан, маржанинг мақсадини англабсан, нимани кутдинг?
— Бир шумликни ўйлаганингизни сездим. Отарчи ҳам шу ердадир, деб ўйлабман.
— Шумликни мен эмас, акаларинг қилган. Сен ҳар ҳолда бу ерга ўйнагани келмагандирсан?
— Шунақа десак ҳам бўлади.
— Бу ер вақтинчалик қўниш жойи. Кейин қаёққа учасан?
— Қаёққа? Уйга-да.
— Уйга учолмайсан.
— Нега?
— Сени Ўқилон ўз ўғлидай яхши кўрармиди? Унга нима ёмонлик қилувдинг?

Жамшид Зелихоннинг ўткир нигоҳига дош беролмай, кўзларини олиб қочди.
— Гапларингга қараганда сен асосий ҳукмни билмайсан, шекилли?

Бу гапни эшитиб, Жамшид Зелихонга ялт этиб қаради:
— Асосий ҳукм?
— Акаларинг сенга «уч-тўрт кун Бек акамнинг кўзларидан нари юра тур», дейишганга ўхшайди, а? Сени бу ёққа учириб, эртасига сени кўмишган. Тушунмадингми? Диққат билан эшит: Ўқилон сени қайси бир гуноҳинг учун ўлимга ҳукм қилган. Сенга меҳрибон бир, ёки икки, ёки уч одам сени бу ёққа жўнатиб, ўрнингга бошқа одамни худди Шилимшиққа ўхшатиб ўлдириб, ёқиб юбориб, кейин кўмишган. Сенинг ўлигингни Чувриндининг уйидан чиқаришган.
— Ёлғон!
— Сенга ёлғон гапиришдан менга фойда борми? Нима учундир Ўқилон қотилликда Элчинни айблади. Мен шунга ҳайронман. Сенинг ўлганингга мен ҳам ишонган эдим. Кеча кўриб, кўзларимга ишонмадим. Сени панага тортганимнинг сабаби ҳам шу. Сени деб Элчиннинг яна жабр тортишига йўл қўя олмайман.

Хизмат қилаётган йигит ёқимли ҳид таратаётган кабоб келтириб қўйди. Кабоб ҳиди иштаҳаларини қитиқласа ҳам таомга қарамадилар. Жамшид бир оз сукут сақлаб ўтиргач, ўрнидан турди.
— Ҳа, қаёққа? — деди Зелихон.
— Шу бугуноқ жўнайман.
— Шошилма. Аканг ҳали-бери ҳукмни ўзгартирмас. Сен аввал нима гуноҳ қилганингни аниқлаб ол.
— Гуноҳим йўқ.
— Лекин айрим одамлар орасида миш-мишлар юрибди. Сени кўмиб келишган куни Асадбекнинг қизи ўзини осган. Кейин боласи тушган... Балки у билан...
— Йўқ, — деди Жамшид кескин. — У менга сингил қатори эди. Бек акамнинг гумон қилишларига ўрин йўқ эди.
— Унда нимага?..
— Бу ёғига ишингиз бўлмасин.
— Яхши, ишим бўлмайди. Лекин билиб қўй, шилта ўйинларингга Элчинни аралаштирмаларинг. Элчин ёлғиз эмас. Мендан ташқари ҳам ҳимоя қиладиганлари бор. Булар олдида, — Зелихон атрофдагиларга ишора қилди. — Ўқилон чувалчангдай бир гап.
— Катта кетманг, ака, — деди Жамшид эшик томон юриб. У келган машинасида қайтди. Зелихон эса қаҳвахона хўжайинининг хонасига кириб, телефон гўшагини кўтариб буюртма берди.

Ўн дақиқадан сўнг Элчиннинг телефони жиринглади. Зелихон Элчиннинг овозини эшитди-да, саломлашмасдан туриб дона-дона қилиб деди:
— Элчин, бир гапни айтаман, довдирама. Гапларимни қайтарма. Хотиржам эшитиб, трубкани ҳам жойига аста хотиржамлик билан қўй. Гап бундай: Жамшид тирик. У Сочида. Ҳозир бирга пиво ичдик. У ўзининг ўлганини билмайди. Сен ҳушёр бўл. Қолган гапни кейин айтаман.

3

Эшикни Валя очди. Зелихон унинг кўзларидаги хавотир учқунини сезиб, ичкари кириши хавфли эканини англади. Энди орқасига ўгириламан деганида биқинига ўткир тиғ тиралди. Зелихон уй бурчагида икки йигитнинг бежо туришига аҳамият берган, уларни Хонгирейнинг йигитлари деб ўйлаган эди.

У иложсиз бир аҳволда ичкарига қадам қўйди. Катта хонага кирди-ю, кўзларига ишонмади. «Нима бало, ўликлар тирила бошлаганми?» деб ўйлади. Хона тўридаги юмшоқ ўриндиқда талтайиб... Федя ўтирар эди. Жамшид масаласини аниқ билмас эди, ахир буни ўз қўли билан ўлдирган эди-ку?!
— Ҳа, Зеля, кўзларингга ишонмаяпсанми? — деди Федя ўрнидан туриб. — Мен ўша, ўзинг билган Бўриман. Нариги дунёда эдим. Қарасам, маишат зўр. Мен маишат қилиб юраверсаму академик дўстгинам ёруғ дунёда хор бўлиб юрса, инсофданми, деб у ердагиларни аврадим. Мени ёруғ дунё азобларига қайтаринглар, қоронғу дунё лаззатларидан академик дўстим ҳам баҳраманд бўлсин, девдим, кўнишди, паразитлар. Тўғри, уларга ҳам озгина харажат қилишга мажбур бўлдим. Сендай дўст учун мен ҳеч нимамни аямайман, биласан-ку?
— Сен... қандай тирик қолдинг? — деди Зелихон, ҳайратдан ҳануз ўзига келолмай.
— Худо хоҳламади ўлишимни, — деди Федя тиржайиб.
— Худо-ку, хоҳларди-я... Федя, бир сафар тирик қолганинг билан, хоинлигинг кечирилмайди, биласан,а? Ментларга хизмат қилаётганинг учун теринг шилинади ҳали.
— Сен ўзингни ўйла. Сен академик эмассан, хомкалласан. Хонгирей ҳам аҳмоқ. Сени бунақа жойдан қидиришмайди, овлоқлардан излашади, деб ўйлаганидан кейин аҳмоқ-да. Сен пўстак, томиримга қорадоридан боплаб урдим, деб қувондингми? Сенинг келишинг маълум эди. Энди сен шилта иш билан кетасан. Қайтмайдиган бўлиб кетасан.
— Сен тириксан-ку?
— Шерикларим ўлган.
— Булар... ментларми? — деди Зелихон орқадаги йигитларни кўрсатиб.
— Ишинг бўлмасин. Ўтир. Қоронғи тушгунча ўтирамиз. Кейин кетамиз.
— Қаёққа?
— Очиғини айтайми, Зеля, сен умрингни яшаб бўлдинг. Сени қамашмайди, суд ҳам қилишмайди, ҳукм аниқ, ижро қилинса бас.
— Биз бир пайтлар дўст эдик, Федя?
— Бир пайтлар отанг онангга уйланган эди? Қани у? Дўстлигимиз ҳам шунақа. Сен мени ўлдирмоқчи эдинг. Ўшанда дўстлигимизни эсламадинг-ку?
— Ўзинг-чи? Ўзинг ҳам мени ўлдирмоқчи бўлмадингми? Хуллас, ошнам, ҳисоб-китобимиз тўғри.
— Йўқ, Зеля, сенинг ҳисоб-китобинг ўтмайди бу ўйинда. Энди сен қойилмақом қилиб ўлишни ўйла.
— Отасанми, чопасанми ё қиймалайсанми?
— Ўзингга маъқулини танла, менга барибир. Сени қишлоғингдагилар кўмиб бўлишган. Энди биров сени қидирмайди.
— Унда мени... от. Бир ўқ билан тинчит.
— Яхши, отаман. Битта ўқ етса етди, бўлмаса сендан ўнта ўқни ҳам аямайман.
— Фақат... қишлоғим атрофида от. Чирисам ўша ерда чирий.

Федя бу гапни эшитиб, баралла кулиб юборди.
— Вей, аҳмоқ, қаерда чиришингнинг нима аҳамияти бор? Йўқ, мен сени узоққа судраб бора олмайман. Сен жон дўстим, чиришдан қўрқма. Чиришга улгурмайсан. Сени қийнамасликнинг чорасини кўриб қўйганман. Отамизу устингдан кислота қуямиз. Сенинг ўрнингга қишлоғингда Зелихон деб кўмилган аҳмоқ чирийверсин.
— Билиб қўй, сени Хонгирей тинч қўймайди.
— Хонгирейни кўндирадиган одамлар бор. Сен бу ёғидан хавотир олма. Хонгирей ҳам одам, у ҳам ҳисоб-китобли дунёда яшайди.

Зелихон орқадаги йигитларга қараб қўйиб жилмайди.
— Нимага тиржайяпсан? — деди Федя.
— Шунақанги осонгина ўлиб кетаманми, деб ўйламовдим. Федя, сен билан менга осон. Вақти етса ўлиб кетаверамиз. Бу дунёда бир-икки кунлик ўйнашларимиздан бошқа ҳеч кимимиз йўқ. Ўлсак, биров ачиниб юрмайди ҳам.
— Сенинг ҳеч киминг йўқдир. Менинг эса онам бор.
— Онангми?.. Ўлганингни эшитиб онанг қувониб кетса керак.
— Шунақа дегин?.. Хотиржам бўл, онам ҳали-бери қувонмайди. Мен ҳали кўп яшайман. Бу дунё маишатларига ҳали тўйганим йўқ.
— Федя, сен менга номарднинг ишини қиляпсан. Ўлимим олдида сенга бир гап айтай, бу йигитлар чиқиб туришсин. Қўрқма, қочиб кетмайман.

Федя бир оз ўйлангач, йигитларга «чиқинглар» деган маънода ишора қилди.
— Федя, — деди Зелихон, ёлғиз қолишгач. — Бир масалада келишиб олсак, ўзингга ёмон бўлмайди. Қамалишимдан илгари банкни ўмарганимни биласан-а? Айбни бўйнимга қўйишди, лекин пулни топа олишмади, буни ҳам биласан, а? Мен сенга ўхшаган киссавур эмасдим. Катта-катта топардим. Бу ҳам маълум сенга. Қишлоғимга нима учун келдим, буни биласанми? Йўқ, билмайсан. Мен ўғирликни йиғиштириб, тинчгина еб-ичиб ётмоқчи эдим. Бу пул менинг етти авлодимга етиб ортади. Менга насиб этмаганга ўхшайди. Мен шу пулни деб яшадим, энди мендан кейин чириб увол бўлмасин. Ярмига келишсак, қаердалигини айтаман.
— Ярмини нима қилмоқчисан?
— Ярминими?.. Бир дўстим бор, ўшанга олиб бориб берасан.
— Алдаётган бўлсанг-чи?
— Сени алдашдан фойда борми, менга? Кечгача ўйла, билиб қўй, сен бунча пулни умрингда кўрмагансан. Яна бир гап: кечгача бу ўтиришда сиқилиб ўлмайлик. Агар мендан чўчисанг, оёқларимни боғлаб қўй. Аммо йўлга чиққунча бир маишат қилайлик. Агар таклифимга кўнсанг, кечқурун йўлга чиқсак, эрталаб етиб оламиз. Агар инсоф қилсанг, маржанинг тўшагига кириб чиқишга рухсат берарсан.

Федя йигитларни чақириб Зелихонни стулга ўтқазди-да, оёқларини боғлатиб қўйди. Валя стол устига ароқ, колбаса, нон, пиёз, туз келтириб қўйиб, ётоғига кирди-да, эшикни занжирлаб олди.

Федянинг ўзини эркин тутиши, Валянинг булардан қўрқмаётганидан Зелихон билдики, бу ишларга Хонгирейнинг ижозати бор. «Хонгирейнинг нозик бир жойидан ушлашганга ўхшайди. Бўлмаса у мени осонликча бермас эди, — деб ўйлади Зелихон. Кейин бирдан фикри чарақлаб ёришди: — Э, ҳа, Хонгирей, азизим, менга яхшилик қиламан, деб ёмонликни раво кўрибсан-ку? Қишлоғида ўлиб кетмасин, беш-ўн кун Сочида яйраб олсин, дединг-ми? Бунинг учун ўз ўйнашингни қўшдингми, менга? Эҳ, Хонгирей, шу масалада чеченга ўхшамадинг. Қишлоғимда ўлганим, одамга ўхшаб кўмилганим яхши эмасмиди?..»

Зелихоннинг муқобилида ўлим тўрлари ташланган қоронғи йўлакдан ўзга йўл йўқ. Истаса-истамаса ҳадемай ўлимнинг ширин сувини ичмоғи жоиз. Ўлим уни бағрига олмоққа шай. Фақат яна қанча соат ёки дақиқадан сўнг, қаерда олади — фақатгина шу масала ҳал этилса бас. Зелихон Фарғонада эканида ўлим билан юзма-юз келмоқ даҳшатини ҳис этган. Тўғри, ўзи айтганидай, ўлими ҳеч кимни ларзага солмайди. Агар Федянинг гапи рост бўлса, кислота билан куйдирилса, бу дунёда жасади ҳам, номи ҳам қолмайди. Чеченнинг бир авлоди томири билан узилиб, йўқ бўлади. Худо бу оилага биттадан ўғил бераётувди. Зелихонга буни ҳам раво кўрмади. Энди бу уруғ қуриди ҳисоб... Зелихон буни аввал ҳам кўп ўйлаган, оила қуришни режа қилган, аммо ўй ўйлигича, режа режалигича қолиб кетаверган. Агар шу келишида қишлоғида тинч-омон яшаб қолса, оила қурармиди, Худо унга ҳам ўғил берармиди...

Зелихон маишат қилиш истагини билдирган бўлса-да, томоғидан ҳеч нарса ўтмади. «Насибамни еб-ичиб бўлганман, шекилли?» деб ўйлади у. Шу аснода сўнгги луқмани юта олмай жон бераётган бобоси кўз олдига келди.

Федя катта қадаҳни тўлдириб икки-уч кўтаришда бўшатди. У топшириқни қаерда, қачон, қай ҳолда бажариш хусусида аниқ кўрсатмага эга бўлса-да, Зелихоннинг таклифи уни икки йўл қаршисига келтириб қўйган эди. Ҳар қандай одамнинг фикрини ўғирлаш жозибасига эга бўлган пул Федянинг нозик қитиқ патларини ўйнай бошлаган эди. Умри фақат пул ўмариш дарди билан ўтаётган одам катта бойлик ҳақидаги хабарга эътиборсиз қараши мумкинми? Пул, бойлик — гўзал бир санамки, унинг тўшагида ором олмагунча кўнгил тинчлик бермайди. Пул, бойлик — ўргимчак тўри кабики, киши кўзи очиқ ҳолатда бу тўрни кўради, оқибатда бу тўр азобга гирифтор қилажагини билади, билса-да, йўлдан қайтмайди, тўр ортидаги гўзал санамдан ҳеч бўлмаса биттагина ўпич олиш илинжида тинчимайди.

Федя ҳозир тинчини йўқотди. «Алдаётган бўлса-чи?» деган саволга «алдаса ҳам ўлади, алдамаса ҳам ўлади. Сочида отдим нима-ю, қишлоғида отдим нима?» деб ўзига тасалли берди.

Федя қистайверганидан кейин Зелихон ҳам ичди. Вужуди қизиб, ўлим васвасасидан узоқлаша бошлагандай бўлди. Шунда рўпарасидаги зулумот йўлагида бир чироқ йилт этгандай бўлди. «Паноҳ бор,— деди у ўзига ўзи.— Хонгирей сақлай олмаса, сақлайдиган одамлар топилади. Одам топилмаганда ҳам, мен сўлаги оқиб юрган ношуд бола эмасман-ку!»

Федянинг марҳамати билан Зелихон Валянинг ётоғига кириб чиққач, йўлга отландилар. Туни билан йўл юриб, тонготарда манзилга яқинлашдилар. Юқорига ўрлаган тоғ йўлида Зелихон сергакланди. У орқа ўриндиқда, икки йигит ўртасида, Федя эса ҳайдовчининг ёнида ўтирарди. Йигитлар ҳам, Федя ҳам мудрашарди. Зелихон ҳайдовчини ҳам уйқу элтаётганини сезди. Машина тик жарлик ёқасидан ўтаётганида Зелихон таваккал қилди: қаддини кўтариб рулга ёпишди-да, машинани жарлик сари бурди.

У тасодиф билан тирик қоларман, деб фикр қилган эди. Тасодиф юз бермади. Аммо Худонинг унга раҳми келди — жасади кислота билан куйдирилмай, ота юрти тупроғига қўйилди. Фақат насли насаби номаълум одам сифатида дафн этилди...

XXI боб

1

Онаси унга: «Умид билан яшагин, қизим, Худо хоҳласа ҳаммаси яхши бўлиб кетади», деб қайта-қайта уқтирди. Зайнаб онасини ранжитмаслик учун «хўп» деб қўя қолади. «Нимага умид қилай, нима яхши бўлиб кетади?» деб ўзига ўзи қайта-қайта савол беради. «Менинг умидларим аллақачон жон берган, кўмилган. Ёки ҳаётда бир умид ўлгач, бошқаси туғилиши мумкинми? Юрак шунақа бевафоми? Ўзи йиллаб ардоқлаб келган бир умидни бўғиб, бошқасига жой бераверадими? Мен энди нимага умид қилай? Яна ҳомиладор бўлишни, туғишни... бола ўстиришними? Ҳаёт шундангина иборатми? Туғиласан... туғасан... ўласан...»

Зайнаб ёлғиз қолган кезлари кўпинча шуларни ўйларди.

У тўлин ой ва осмон сингари топишмоқни истаган эди. Энди осмони тўлин ойсиз тунд бўлиб қолган дамда нимага умид қилсин? Бу осмонга янги ой чиқишигами? Бу осмонга янги ой ярашарми экан?

Зайнаб онасигагина ачинарди. Ўлмай қолганини ҳам онасининг бахтидан деб биларди. «Худо онамни авайлаб, мени у учунгина сақлаб қолди», деб ўйларди. Кейинги ювошлиги, мўъминлиги ҳам онаси туфайли эди. Онаси айтгани учун, оёғи тортмаса-да, Элчинга қўшилиб келди.

Орадан кунлар ўтар, Элчин гўё Зайнабнинг ўша гапини унутгандай, йўқ, худди эшитмагандай эди. На бир ҳаракатида, на бир гапида ўша воқеага ишора қилди. Бу Элчин учун осон эмасди. Ўша гап унинг юрагидан тош бўлиб жой олган, бу тошни эритиш эса мушкул эди. Зайнабнинг нима сабабдан шундай деганини англаш учун кўп ўйларди. «Балки хиёнат қилгандир, лекин буни айтишдан мақсади нима?» деган саволга жавоб топиш учун хаёлнинг минг бир кўчасига кириб чиқарди.

Элчин ҳадеб уйда ўтирмаслик учун маданият уйига ишга кирди. Мусиқа тўгарагига номигагина раҳбар эди, аслида тўйма-тўй юрувчи гуруҳи билан шуғулланарди. Шарт шу эдики, маданият уйи бирон тадбир ўтказса, улар ҳаваскор ишчилар сифатида иштирок этиб беришарди. У Зайнаб ўзига келиб олсин, деган фикрда бўш кунлари ҳам «ишга кетяпман», деб уйдан чиқиб кетарди. Унинг навбатдаги янглишиши ҳам айнан шу эди.

Зайнаб учун ёлғизлик азоб саҳросида сарсари тентираш каби эди. Гарчи Элчин билан бўлганида юраги эзилиб турса-да, унинг кўчага чиқишини истамай қолган, аммо «мен билан уйда ўтиринг», дейишга тили бормас эди. Фақатгина Мардона келадиган кунигина Элчиннинг чиқиб кетишини хоҳларди. Фақат Мардонагина унга лаззат олиб келарди. Мардона келишидан бир кун аввал унинг вужуди зирқирай бошларди. Ҳамшира келиб, эмлагач, оғриқ таққа тўхтар, юрагидан ғубор ҳам кўтариларди. Мардонадан қизиқ-қизиқ ҳангомаларни эшитиб, мириқиб куларди.

Элчин Мардонани дастлаб кўрганидаёқ ёқтирмай қолган эди. Ўрни келса айтаман, деб юрган кезлари уйга кийимини алмаштиргани кирди-ю, Зайнабнинг шодон кулгисини эшитди. Бу кулги Элчин учун тансиқ эди. Шу боис ҳамширанинг келишига монелик қилиш фикридан қайтди. Бу унинг яна бир навбатдаги янглишиши эди.

Мардона эндиги келишида эмлаб бўлганидан сўнг, Зайнабнинг баҳри-дили очилган дамда сумкасидан видеокассета чиқарди.
— Бир танишимникига кирувдим, зўр кино деб берди. Бирга кўрмаймизми, қанақа бало экан? — деди у. Зайнабга бу таклиф маъқул келди. Чунки уйидаги кассеталарни уч-тўрт мартадан кўриб бўлган эди.

Бир неча дақиқадаёқ филмнинг «қанақа бало» экани маълум бўлди. Мардона тўхтатармикин, деган маънода Зайнабга ўғринча қараб қўйди. Дори таъсиридан ақлига қулф урилган, лаззат булоғида чўмилаётган жувон телевизорни ўчирмади. Мардона ҳар эҳтимолга қарши:
— Вой ўлайин, вой шарманда! — деб қўйди.

Зайнаб унга қараб бир кулимсиради-ю, яна томоша билан овора бўлди.

Номи «чет эл бадиий филми» бўлган бу томошада киши ақли билан ўйлаб топиш мушкул бўлган беҳаёлик, шармандаликнинг беадад турлари мавжуд эди. Филм ўрталаганда Мардона Зайнабга яқин сурилди. Аввал елкасига ўнг қўлини ташлаб ўзига тортди. Сўнг чап қўли билан кўкрагини ушлади. Зайнаб бир силтанди-ю, кейин дугонасининг қилиғи ёқиб, қаршилик билдирмади.

Бу ҳолва эди.

Бундан бешбаттари филмдан сўнг бўлди.

2

— Эрингиз тўйдами? — деб сўради Мардона.
— Ҳа,— деди Зайнаб энтикиб.
— Бир жойга бормаймизми?
— Қаёққа?
— Сўраманг. Эрингиз маишат қилганида сиз ҳам бир айшингизни сурсангиз, осмон узилиб ерга тушмас.
— Йўқ, шу ерда ўтираверайлик.
— Мен сизга ёмонликни раво кўраманми? Хоҳламасангиз ўтираверинг, мен кетдим. Ўзим бораман. Буни кўрганимдан кейин жойимда ёта олмайман.

Зайнаб ўйланиб қолди. Аммо бу ўй ақлга урилган қулф зулфини буза олмади. Итоаткорлик билан ўрнидан туриб, кийимини ўзгартирди. У ҳозир чўпон етовидаги қўй ҳолига кирган эди. Унинг кўнгли ниманидир тусарди, у нимагадир етишмоқни истарди. Ўша «нимадир» унинг хаёлини ўғирлаган, фикрлаш йўлларини тамом тўсиб ташлаган эди. Ўша «нимадир» томирида қонни гупиртириб оқаётган қорадори эканини, кўрган томошалари эса руҳини лойқалатиб ташлаганини ҳозир идрок эта олмас эди.

Улар катта кўчага чиқишиб, йўловчи машинани тўхтатишди. Машинада Мардона унинг белидан маҳкам қучиб борди. Мардона айтган кўчага бурилгач, ҳайдовчи «қаёққа юрай?» деб сўради.
— Ҳаммом олдида тўхтатинг,— деди Мардона амр оҳангида.

Машина тўхтаб, Зайнаб тушгач, Мардона ҳайдовчига:
— Ярим соатча пойлаб тура оласизми? — деди.
— Пулига чидасангиз, эрталабгача ҳам туравераман,— деди ҳайдовчи.
— Қойилман, ўғил бола! — деди Мардона.
— Закалат ташлаб кетинг,— деди ҳайдовчи.

Мардона сумкасидан пул олиб унга узатди:
— Сиздақа ўғил бола керак менга, кейин гаплашиб оламиз. — Мардона шундай деб бир кўзини қисиб қўйди.

Улар ҳаммомнинг ҳовузли бўлмасига кирдилар. Мардона патта ҳам олмади. Бировдан «кирсак бўладими, бўшми?» деб сўраб ҳам ўтирмади. Ўз уйида юргандай тўғри кириб борди. Зайнаб «қанақа жой бу ўзи?» дегандай атрофга бир аланглади. Одамларнинг эътиборсиз турганини кўриб, индамай дугонасига эргашди.

Ичкари кириб, эшик зулфини солгач, Мардона стол устида ёпиғлиқ оқ дастурхонни йиғди. Зайнаб тайёрлаб қўйилган емак-ичмакни кўриб ажабланди. Мардона эса пивони шартта очиб икки пиёлага қуйди-да, манзират қилиб ўтирмай, ичиб юборди. Сўнг:
— Бу ерда пиво яхши кетади,— деб лабини ялади.

Ечиниб, иссиқхонада ўтирдилар. Бу ерда ҳам Мардона уйдаги қилиғини қилди. Бу сафар унинг ҳаракатлари аввалгидай хуш ёқаётган бўлмаса-да, Зайнаб қаршилик кўрсатмади. Сўнг ҳовуз лабига боришди. Бу ерда ҳам Мардона унинг оқ баданини эҳтирос билан силаб, кутилмаганда сувга итариб юборди. Кейин қийқириб кулганича ўзини ҳовузга отди. Икки дугона анча вақтгача қийқириб, бир-бирларига сув сепиб ўйин қилдилар. Сувдан чиқишгач, Мардона Зайнабнинг елкаларини силаб:
— Буни қара, кумушдек товланиб кетдинг. Бундай бадан катта отарчига хайф...— деди.

Иссиқхонадан сўнг салқинроқ сувга тушиб, руҳидаги лойқа тина бошлаган Зайнаб бу гапни эшитиб, енгил сесканди.

«Кумушдек... товланиб кетдинг...»

Мардона бу гапни айтганда Кумушбибини назарда тутмаган бўлса-да, Зайнабнинг кўз олдида ўзи севган, йиллар бўйи қалбининг тўрида ардоқлаб-асраган мўъмина аёл гавдаланди. Шу аснода ақлини банди этиб турган қулф бузилиб, нималар қилганини идрок эта бошлади. Идрок этгани сайин ўзидан ўзи нафратланаверди. Мардона ундаги ўзгаришни сезиб:
— Ҳм, ўртоқжон, нима бўлди? — деб сўради.
— Иссиқ ёқмади шекилли,— деди Зайнаб бир оз довдираган ҳолда.— Мен чиқиб тура қолай.
— Майли, мен яна бир шўнғиб чиқаман,— Мардона шундай деб яна пиводан симириб, ўзини сувга отди.

Зайнаб тез-тез кийиниб, ташқарига чиқди. Нима қиларини билмай довдираб турганида машина сигнали чалиниб, ҳайдовчининг:
— Мен бу ердаман,— деган овозини эшитди.

Зайнаб аввалига «сен кимсан?» дегандай унга ажабланиб қаради. Сўнг бу ерга шу машинада келганини эслаб, тез-тез юриб бориб, ўтирди-да, «кетдик», деди.
— Опохонимиз-чи? — деди ҳайдовчи.
— Уни қайтиб келиб, олиб кетасиз.
— Пулига чидасалар бўлди. Қайтиб кел, десалар қайтиб келавераман. Қаёққа қараб ҳайдай?

Зайнаб уйига қайтса, Мардона изма-из етиб келишидан хавотирланиб, ота ҳовлисига бормоқни ихтиёр этди.

3

Мардона эртасига қўнғироқ қилди.
— Ҳа, ўртоқжон, нима бўлди? — деди у ўпкаланиб.

Зайнаб унинг овозини эшитди-ю, юраги ҳаприқиб, юзлари қизариб кетди.
— Сал мазам қочди,— деди у совуқроқ гапиришга ҳаракат қилиб. У кечаги воқеадан сўнг Мардонани кўришни истамай қолган эди. Мардона унинг муомаласидаги совуқликни сезса-да, қувноқ оҳангда давом этди:
— Шундай зўр маишатдан қуруқ қолдингиз. Майиздек бўлиб борардик. Отаси ўпмаган йигитларни кўрардингиз. Сиз учун бугун бошқатдан ташкил қиламиз.
— Йўқ, йўқ,— деди Зайнаб.— Керакмас. Мени бунақа ишларга... бошламанг. Умуман... энди бизникига келманг.
— Кассетамни олгани борсам-чи?
— Кассета?.. Мен уни мажақлаб, ахлатга ташлаб юбордим.
— Шундай жонон нарсани-я! — Мардона кулди. Зайнаб гўшакни қулоғидан узди. Аммо жойига қўймади.
— Ўртоқжон, эшитяпсизми? Майли, келма, десангиз бормайман. Лекин уч кундан кейин менсиз туролмай қоласиз. Мени ўзингиз чақирасиз.

Бу гапни эшитиб Зайнаб ажабланди-да, гўшакни қулоғига олиб борди:
— Уч кундан кейин? Нимага?
— Уч кундан кейин дорини қўмсайсиз.
— Қанақа дорини?
— Ўшанда биласиз. Мен гиначи эмасман. Телефон қилсангиз, етиб бораман. Тортинмай чақираверинг.

Бу гапдан кейин Мардонанинг нима демоқчи эканини англагандай бўлиб, Зайнаб қўрққанидан титраб кетди. Билагидаги игна изларига қаради. «Йўқ, йўқ, бўлиши мумкин эмас», деб ўзига ўзи тасалли берди. Лекин унинг бу тасаллиси ўлиб ўлаёлмай, тузалиб тузалаёлмаётган бемор каби эди. У энди ана шу ўлим тўшагидаги тасалли билан куч йиғаётган навқирон гумонга асира бўлди.

«Ҳали ҳаммомдан чиққач, яна бир шармандаликка бошлаб борар экан-да?! Мақсади нима унинг? Наҳот мени шундай шармандалик кўчасидан қайтмас жувон деб ўйласа? Наҳот мени бузуқ деб ўйласа?! Ўзи-чи? Ўзи шу қадар бузуқми? Мен шу бузуқ билан апоқ-чапоқ бўлдимми? Ҳатто опа-сингил тутинишни фикрладимми? У менинг кимлигимни билади-ку? Наҳот бу шаҳарда Асадбекдан чўчимайдиган бир бузуқ топилса?» Зайнаб шуларни ўйлаб, отасига айтмоқни ҳам фикр қилди. Бироқ, отасининг қаҳридан қўрқди. Яна арқонни пича узун ташламоқни, Мардона билан якка ўзи олишиб кўрмоқни лозим топди. «Шундай бир шилта билан олишиб енга олмасам, мен Асадбекнинг қизи эмасман!» деб қўйди. Шундай деб катта кетган бўлса-да, Мардона айтган уч куннинг ўтишини хавотир билан кутди. Тасалли билан гумоннинг ҳаёт-мамот жанги шу уч кун бадалида ҳал бўлиши керак...

Учинчи кунга ўтар кечаси уйқусининг тайини бўлмади. Энди кўзи илинганида босинқираб уйғониб кетаверди. Бир маҳал қаттиқроқ бақириб юбориб, Элчинни ҳам уйғотди. «Нима гап, тинчликми?» деган саволга «босинқирабман», деб қисқа жавоб бера қолди. Элчин чарчаб келгани сабабли хотинининг ҳолатига эътибор бермай яна уйқуга кетди.

Асад ойининг ўн беши. Кундузи қуёш тафтидан ҳориган осмонга тўлин ой ҳукм ўтказади. Зайнаб босинқираб уйғонганида Ой дераза рўпарасига келиб, ҳобгоҳни нурга белай бошлаган эди. Зайнаб чалқанча ётиб, Ойга тикилди. «Ой қачондир бир гуноҳ қилиб юзи шармандаликдан доғ бўлган экан. Неча минг, балки миллион йилдан бери бу доғни кеткиза олмайди. Балки Ой одамлардан уялгани учун ҳам фақат кечаси чиқар? Мен-чи? Бир қадам қолган экан-а... Мени Кумушбибининг руҳи сақлаб қолдими? Шундайдир. Балки деразадан тушаётган нур Ойники эмас, Кумушбиби руҳининг нуридир? Қани эди шундай бўлса. Қани эди, Кумушбибининг руҳи ўзимни, уйимни садоқат, поклик нури билан ўраб, ҳимоя қилса. Қани эди. Отабек бегимнинг руҳи эримнинг юрагига муҳаббат оташини берса... Отабек бир туғилиб қолган экан. Энди Отабеклар йўқ. Кумушбибимнинг заҳарланиб ўлгани бир жиҳатдан дуруст бўлган экан. Агар дунё айланиб ҳозир туғилсамиди... Ҳозир туғилса Кумушбиби бўла олмасди. Ўзи айтмоқчи, Тупроқбиби бўларми эди... Худди менга ўхшаб... Мен Тупроқбиби эмасманми ахир?..» Шу каби хаёллар оқимига берилган Зайнаб яна мудради. Сал ўтмай яна уйғонди. Шу тарзда хавотирланиб кутгани учинчи кунга етди. Аммо хавотири ўринсиз чиқди. Вужудида ўзгариш сезмади. Мардонани лаънатлади. Кўнглига севинч офтоби мўралади. Лекин бу севинч нури қора булутлар чокидан аста қараб қўйган офтоб мисоли алдамчи эди.

Кун аср вақтидан ўтганида ҳовли қизиб, ўтириб бўлмайдиган даражага етди. Зайнаб ичкари кириб салқин хонадаги ўриндиққа ёнбошлаб, телевизорни ёқди. Кексароқ бир бахши дўмбира чертиб достон айтарди. Зайнаб бахшиларнинг овозини хириллатиб айтишларини ёқтирмас эди. Шу туфайли телевизорни бошқа каналга олмоқчи бўлди. Бироқ, бахшининг тилидан учган байт уни тўхтатди:

Хазон бўлган боғда гул сўлармикан,

Сўлган гулга булбул кеп қўнармикан...

«Ақлли гап экан,— деб ўйлади у.— «Сўлган гулга булбул кеп қўнармикан...» Худди мен ҳақимда айтилганга ўхшайди.»

Бахши «Барчин» исмини тилга олгач, «Алпомиш» достони айтилаётганини фаҳмлаб, диққат бериб тинглади.

«...Лочин қўнган тўшимга қарғани қўндирмайман...»

Барчин тилидан айтилган бу гап Зайнабни ларзага солди. Салқин уйда ҳаво етишмагандай туюлиб, ташқарига чиқди. Юзига иссиқлик сели урилиб, янада лохас бўлиб, изига қайтди. Бахши дўмбирани шитоб билан чертиб, достон айтарди.

«...Лочин қўнган тўшимга қарғани қўндирмайман...»

«Лочин ким? Эримми? Йў-ўқ... у лочин бўла олмайди. Бу тўшга лочин қўнмай ўтди. Қарға қўнди...»

Зайнаб Жамшидни эслаб, юраги эзилди. Юрак тўлғоғини кутиб тургандай вужуди ҳам зириллай бошлади. Зайнаб асабини тинчлантириш учун хапдори ичиб ётди. Вужуди бир оз ором топгандай бўлди. Бахтига эри бугун тўйга кетмади. Бирга овқатланиб, сўнг гаплашиб ўтиришди. Зайнаб сабоқдош толиба дугоналарини соғинганини, меҳмонга чорлаш нияти борлигини айтди. Элчин бу фикрни маъқуллаб, «қўлбола ош биздан», деб кўнглини кўтарди.

Мардона айтган ҳолат ярим тунда тўсатдан бошланди. Зайнаб безгак тутгандай титрарди. Кўнгли айниб ўқчирди. Элчин қайнонасини безовта қилгиси келмай, «тез ёрдам»га қўнғироқ қилди. Табиб келиб, лозим текширувини ўтказгач, бир билакдаги игна изларига, бир Элчинга қараб елка қисди. Элчин унинг нима демоқчи эканини англаб, бош чайқади-да:
— Яқинда касалхонадан чиқди. Ҳамшира келиб эмлаб турибди,— деди.
— Қанақа дори, кўришим мумкинми?
— Ҳамшира дорини ўзи олиб келади,— деди Зай-наб инграб.
— Эмлаганидан кейин енгил тортармидингиз?
— Ҳа.
— Нима экан у? — табиб ўйланиб, гарданини қашиди.— Агар истасангиз касалхонага олиб кетай?
— Дўхтир, бу Асадбекнинг қизи,— деди Элчин, унинг қулоғига шивирлаб.
— Мен учун бунинг ҳеч бир аҳамияти йўқ. Мен касал кўргани келган одамман,— у шундай деб қутисини кавлаштириб дориларни танлагач, Зайнабни эмлади-да, кетишга ҳозирланди.— Тинчлантирадиган дори бердим. Ҳозир ухлайди.

Элчин уни кўчага қадар кузатиб чиқди.
— Мен сизни танидим,— деди табиб, хайрлашиш учун қўл узатиб.— Менга шунинг ўзи кифоя эди. Асадбекни эслатиб, ўзингизни пастга урдингиз. Дард «бу Асадбекнинг қизими?» деб суриштирмабди-ку, тўғрими? Нима учун шифо суриштириши керак экан? Паст кетманг, ҳофиз оғайни, сира паст кетманг.

Элчин мулзам бўлиб қолаверди. Уйга қайтиб кирганида Зайнабнинг титроғи анча камайган, нафас олиши ҳам мўътадиллашган эди. Элчин унинг устидаги чойшабни тортиб, тўғрилаган бўлди-да, ўзи диванга ёнбошлади.

Зайнаб уйғонганида вужудини нимадир босиб тургандай ҳис этди. Тунги безгак хуружи чекингани учун оғирликка парво қилмасликка тиришиб, ўрнидан турди-да, чой қўйди, нонушта тайёрлади. Элчин хотинининг ҳаракатларига қараб «анча тузук», деб ўйласа-да, барибир сўради:
— Ойингни чақирайми?
— Ўзим чақираман. Йўқ, уйга бориб келақоламан.
— Унда олиб бориб қўяман.
— Йўқ, кетаверинг, бирпасдан кейин бораман.
— Сени дорилар ҳам қийнаб қўйди чамамда. Баъзи дардларни баданнинг ўзи ҳам енгиб ташлайди. Ҳадеб дори ичиб қийнаш керакмасдир.
— Тўғри айтасиз, Мардонага бошқа келманг, деганман.
— Дугона сифатида келавериши мумкин.
— Йўқ, йўқ, у менга қанақасига дугона бўлсин. Шунчаки... ҳамшира.

Зайнаб эзгин кайфиятда бўлгани сабабли Элчин гапини калта қила қолди. Ишга отлана туриб:
— Бугун раёнда контсертларимиз бор. Ойингникига борсанг, ётиб қолавер. Эрталаб ўзим хабар оламан,— деди.

Зайнаб итоаткорлик билан «хўп» деди. Эри кетгач, уйни йиғиштириб, онасиникига отланаётганида яна безгак титроғи хуруж қилди. Бу сафар оёқ-қўли акашак бўлиб қолди. Бу ҳолатидан ўзи ҳам қўрқиб кетди. «Энди ўламан шекилли?» деб ўйлади. Бу ўй уни ҳоли қолдирмай туриб, хаёлига Мардона келди. Азоб исканжасидаги Зайнабга Мардона нажот фариштаси каби кўринди. Унинг кўз олдида шилта қилиқлар қилаётган жувон эмас, жилмайиб турган бокира қиз сифатида кўринди. У безгак титроғига ортиқ дош беролмай, телефон рақамини терди. Мардонанинг овозини эшитиб, азроил жонини қайтиб бергандай суюнди.
— Тез келинг, келмасангиз ўламан,— деди титроқ овозда.
— Сабр қилинг, жоним, ҳозироқ етиб бораман,— деди Мардона.

Чиндан ҳам у тез етиб келди. У кирганида Зайнаб уй бурчагида ғужанак бўлиб олган, бир нимадан қўрққандай титрарди. Мардона уни қўлидан ушлаб турғазиб, сўнг диванга ётқизди. Зайнаб унга мўлтиллаб қаради.
— Ёнимда дори йўқ,— деди Мардона совуқ оҳангда.
— Нимага? — деди Зайнаб.
— Дори берадиган одам «ўзини олиб кел», деди.

Зайнаб аввалига бу гапнинг мазмунини англамади. Тушунгач, кўзларини катта-катта очиб:
— Менга бераётганингиз қорадоримиди? — деб сўради.
— Нима деб ўйловдингиз? — деди Мардона кулиб.— Эмлагандан кейин мазза қилардингиз-ку? — Шундай деб Зайнабнинг кўкрагига қўл юборди.

Зайнаб ўзида қандайдир куч топиб, бу қўлни уриб юборди-да, ўрнидан турди:
— Ҳайвон! Фоҳиша! Йўқол! — деб бақирди.

Мардона заҳарли жилмайди.
— Бетаҳорат бенамозни бўйнига қўйган экан. Мен ўз хоҳишим билан келмадим. Сиз чақирдингиз, ҳайдасангиз кетаман. Аммо кейин ялинсангиз ҳам қайтмайман. Ўйлаб кўринг, кўчада машина кутяпти. Бир неча лаҳзада етамиз. Оғриқлардан қутуласиз. Роҳатланасиз. Роҳат ўрнига азобни яхши кўрсангиз, нима дердим, мен кетдим...

Зайнаб Мардона дарвозага етгунига қадар чидади. Сўнг оғриққа ортиқ бардош бера олмай бақирди:
— Тўхтанг!

Мардона дарвоза остонасида тўхтади. Зайнаб эса бузуқлик остонасида ўзини тўхтата олмади. Унинг остона ҳатлаши Асадбекнинг Красноярда касалхонага ётган кунига тўғри келди.

XXII боб

1

Машина ўрнидан жилганида биқинига икки мушт тушгач, Анвар ўзини у ёқ-бу ёққа уришнинг фойдаси йўқлигини, ҳақиқат талаб қилса яна мушт емоғи мумкинлигини фаҳмлаб, тинчиди. Унинг ғазабдан ёнаётганини тез-тез нафас олишигина ошкор этиб турарди.

Машинадан тушиб ўзини нотаниш жиннихонада кўрди-ю, ҳайратланди. Қабристон яқинида жиннихона машинаси кутиб турганидан у ажабланмаган эди. Ғазаб оташида ёнаётган бўлса-да, бу ишни Холидий усталик билан уюштирганини тушунган эди. «Яна эски тос, эски ҳаммом», деган фикрда ўзини аввалги жиннихонада кўрарман, девди. Бошқа жиннихона унинг учун кутилмаган зарба бўлди.
— Нимага мени бу жиннихонага олиб келдинглар?— деб сўради у, етаклаб келаётган йигитдан.
— Сенга атаб қурилаётгани ҳали битмабди,— деди йигит дўнғиллаб.
— Мен тўғриликча сўраяпман.
— Мен қийшайтириброқ айтяпман.
— Одам эмас экансан.
— Ҳалиги мушт камлик қилдими?

Анвар унинг башарасига бир қараб олиб «Турқи совуқ одамдан илиқ гап чиқармиди», деб қўйди.

Тиббий текширув наридан-бери ўтказилди-да, икки ошёнли иморатнинг биринчи қаватидаги тўрт киши ётишига мўлжалланган хонага бошлаб келишди. Дераза ёнидаги каравотдан тик туриб олиб ўнг қўлини олға чўзган бемор Анвар кириб келиши билан унга қараб хитоб қилди:
— Яшасин, совет жиннилари, ура! — Шундай дегач, у қувониб чапак чалди-да, индамай турган Анварга ўшқирди: — Сен нима учун олқишламаяпсан? Сен совет жинниларига қаршимисан? Ҳа, ҳа, сен жинни душманисан! — У шундай деб бармоғини бигиз қилганича каравотидан тушаётган эди, Анварни кузатиб келган йигит унга қараб бақирди:
— Жойингга қайт, қимирлама! Бу ҳам ўзингдан, душман эмас. Ғиринг десанг, ейсан!

Хитобчи барвасти муштни кўргач, нафаси қайтди. У, гарчи эси оғиб қолган бўлса-да, муштнинг қадрини билар эди.

Хонадаги яна икки бемор индамаслар тоифасидан экан. Кузатувчи чиқиб кетгач, хитобчи яна Анварга қаради:
— Мен билан коммунизмга бормайсанми?

«Битта арбоб, иккита индамас жинни ҳамкорлигида яна қаёққа бориш мумкин?» деб ўйлади Анвар. Саволга жавоб бергудай бўлса бу «арбоб»дан қутула олмаслигини билиб, ўзини индамаслар сафига қўшишни маъқул кўрди. «Арбоб» бир-икки саволига жавоб ололмагач, ўзи билан ўзи овора бўлиб қолди.

Кечки овқатдан сўнг дори-дармонларни қабул қилишгач, ҳамхоналари одобли болалар каби ётиб, уйқуга кетишди. Анвар ҳам ётди, аммо остига тиконли тўшак солингандай ором топмади. Аввал қаддини кўтариб ўтирди. Сўнг туриб, даҳлизга чиқди. Навбатчи ҳамшира ўрнида барваста, ёноғида тукли холи бор аёл катта дафтарга нимадир ёзиб ўтирарди.
— Нимага чиқдинг, кириб ёт,— деди у қўполлик билан.
— Уйқум келмаяпти, бугун олиб келишди мени. Келажаги порлоқ жиннилардан бўлсам керак. Қўрқманг, қочиб кетмайман.
— Қочиб гўрга борармидинг, бор кириб ёт, бошимни оғритма.

Аввалги жиннихонада ҳам навбатчи ҳамшира уни кириб ётишга ундаган эди. Аммо бу тарзда эмас, ялиниш оҳангида илтимос қилиб эди. Шунда Анвар унга бир шеър айтган, у «яхши шеър экан», деб бир оз суҳбатлашган эди. Анвар гарчи бу хотиндан яхши гап чиқишига гумонда бўлса-да, ўша шеърни ўқигиси келди:

Баҳорда гуркираб авж олган чечак,

Сўлар хоҳ истама, хоҳи сен иста.

Унга ёр на ўтмиш, на-да келажак,

Тупроққа жо бўлиб кетар оҳиста.

Шунинг-чун сўнгги бор куйлайди қумри

Билмам не марсия, билмам не вола.

Ҳей, менинг умримдир чақмоқнинг умри

Бир чақнаб маҳв бўлсам чекмагин нола!

Навбатчи ёзишдан тўхтаб, унга ғалати қаради:
— Нима бало, шоирмисан? — деб сўради, шеър ўқиб бўлингач.
— Йўқ, жинниман,— деди Анвар истеҳзо билан.
— Жиннилигинг билиниб турибди, кириб ёт дедим сенга.

Анвар «хўп бўлади» деди-да, орқаси билан юра туриб яна бир тўртлик ўқиди:
— Ёмғирдан сўнг очилди боғлар,

Энди еллар гирдикапалак.

Астагина титрар япроқлар,

Хайр дема, беозор малак...

Навбатчи аёл сўнгги сатрни нотўғри англаб, қўлидаги қаламни тақ этиб стол устига қўйди-да, ўрнидан турди:
— Қани, кир ичкарига, деяпман! Ҳали мен сенга малай бўлдимми, ҳув турқинг қурсин!

Анвар бу ер шеър ўқийдиган, ҳазиллашадиган жой эмаслигини англаб, шошиб ичкарига кирди. Навбатчи ҳамшира эшикни очиб, то у жойига ётгунича қараб турди.

Анварга алам қилди. Аслида у юракни сиқаётган исканжа азобидан бир дамгина бўлса ҳам қутуларман, деган ниятда даҳлизга чиққан эди. Аввалги жиннихонада айнан шундай бўларди. «Бу ер нима ўзи — жиннихонами ё қамоқхонами?» деб ўйлади у.

Аламдан ҳоли бўлмоқ учун хаёлини чалғитишга уринди. Қўлини болиш қилиб, чалқанча ётганича ўй ўйлади: «Уйимга хабар бергани ким борган экан? Ҳар ҳолда «енг кичик илмий ходим»ни югуртиришади. У бечорагина бўйнини қисиб туриб минғирлайди. Нима дейди? «Ишда бирдан касаллари тутиб қолди», дермикин ё... ҳа, «устозларининг ўлимидан қаттиқ қайғурдилар» дер. Шундай дегани дуруст, шуниси сал обрўлироқ. «Бир оз дам олсин, даволансин, деб касалхонага («жиннихонага» демайди) жойлаштиришди» дейди. Дейди-ю, зипиллаб изига қайтади...»
— Ҳа, айнан шундай бўлди.

Анвар таниш овозни эшитиб, сергакланди.
— Ким бу? — деди пичирлаб.
— Танимадингми? Асқар акангман.
— Сиз?..
— Мен сени кўргани келдим. Мени ҳам шу ерда сен каби «даволашган».
— Навбатчи хотинни танийсизми?
— Танимай-чи? Агар уни мол десанг, дунёдаги барча моллар ҳақоратга чидай олмай «мени келиб-келиб шунга ўхшатдингми», деб ўзини осади.
— Сизнинг шеърингиздан ўқиган эдим, тушунмади.
— Шеърни хор қилма, ука.
— Одамлар нима учун бундай туйғусиз бўлиб кетишяпти?
— Буни англашинг учун ёнимга келишинг керак. Мен билан сенинг оламинг бошқа.

Ҳақсизликни кўрсам қалбим бозиллар,

Во дариғ, мум тишлаб турар фозиллар.

Эсингдами бу сатрлар? Фозиллар нечун мум тишлайдилар, англаб етмадингми? Сен ақлли йигитсан. Дўстлар учун минг бир фазилатинг ҳам кам, душман учун бир фазилатинг ҳам кўп эканини биласан. Одам бу дунёга яланғоч келади. Кетишида ўзи билан ҳеч нима олмайди. Ололмайди. Унга икки қулоч сурп, икки қулоч ер кифоя. Ҳеч нарсасиз келиб, ҳеч нарсасиз кетишини билса ҳам бир чимдимгина умрида бойлик талашади, амал талашади, обрў талашади. Сен Худога шукр қил. Биз бундай бачкана нарсалардан устун турдик.
— Мен бир кўҳна китобда ўқиганман: кимики ўз нафсини хор тутса, Худо унинг қадрини ошираркан. Кимки ўз нафсини иззат қилса, Худо бандалари олдида уни хор қиларкан.
— Айни ҳақиқат бу. Эшит:

Кўкдаги қуш пастдан луқма излайди,

Пастда сайёд ов қилмоқни истайди.

Ғалати бу манзара.

Самодаги тузоқ нима ҳам билмагай,

У ҳеч кимга итоат ҳам қилмагай

Бир қара-я, бир қара.

Англадингми? Энди йўлга отлан. Сен билан менинг жойим самоларда.
— Самоларда? Ерда-чи? Бунда ким курашади? Ким адолат учун бошини тикади? Сиз айтган эдингизки «Нафси ёмон катта балиқ оғзин очиб, ютди кичик балиқларни дарёда ҳей...» Шундай бўлиб қолаверадими? Айтинг?

Нечундир жавоб бўлмади. Анвар ажабланганича қаддини кўтариб атрофга аланглади. Асқар Қосимнинг овози ўрнига ҳамхоналарининг хурраги эшитилиб, энтикди. «Мен чиндан шоир билан суҳбатлашдимми ё алаҳсираб ўзим билан ўзим гаплашдимми? Асқар ака нимага даъват этди? Ё нурдан элчи бўлиб келдими?»
— Сен ўзинг билан ўзинг гаплашдинг. Биз элчи юбормаймиз.

Анвар таниш овозни эшитиб, шошилганича деразага қаради: деразадан нур пояндоз каби тушиб турарди.
— Нима учун мени йўлдан қайтардингиз? Асадбеклар билан кетганимда бу кўргилик йўқ эди.
— Бу бизнинг истагимиз эмас, тақдиринг шундай. Тақдирдан ҳеч ёққа қочиб қутула олмайсан. Сен энди бу дунёда яшай олмаслигингга амин бўлдингми? Сенга сўнгги имконият берамиз. Истасанг, устозинг Ҳикмат Ўролов билан учраштирамиз.
— Истайман.
— Нурга оёқ қўй.

Кўз очиб юмгунича Анвар ўзини сафолик боқчалари бор гўзал манзарали бир ерда кўрди. Ҳикмат Ўролов фаввора ёнида ўтирарди. У қўлидаги китобни қўйиб, ўрнидан турди:
— Ў, азизим, сизни кўрганимдан бағоят хурсандман. Қаранг, илоҳий осойишталикка ҳам етишдим.
— Сизни охир-оқибат еди, у мараз! — деди Анвар.
— Ундай деманг, азизим. Мен хурсандман. Худо жонимни дўстларим қўли билан эмас, ғанимларим қўли билан олганидан ҳам қувонаман. Душманинг қўлидан қазо топмоқ ҳам бир бахт, азизим.
— Бу гапингизда жон бор. Муҳими — сиз жаллодингиз умридан кўпроқ умр кўрасиз.
— Янглишманг. Ҳали улар кўп яшайдилар. Улар омадли одамлар. Эшитмаганмисиз, омадли одамларнинг хўрози ҳам тухум қиларкан. Биласизми, араблар қаҳва ичишаётганда нима дейдилар? Улар дер эканларки, биринчи қултум аччиқ — ҳаёт каби, иккинчиси— лаззатли — муҳаббат каби, учинчиси — сирли — ўлим каби. Биз уччала қултумни ичиб бўлдик. Сирнинг тагига ҳам етдик. Энди навбат сизники.
— Сиз ҳам мени чорлайсизми?
— Бошқа йўл йўқ-ку?
— Ҳар бир одам туғилганидаёқ ўлимга маҳкумдир. У умри бўйи ҳукмнинг ижросини кутиб яшайди. Ҳар куни бир ўлиб, бир тирилади. Ҳукм қай ҳолда, қачон ижро этилади — Худо билади.
— Ҳукм ижросини тезлатмоқ мумкин.
— Шошилманг. Мен ҳали бир масалани ҳал қилиб олишим керак.
— Қандай масала? Балки бирга ечармиз?
— Масала шуки, одам боласи ҳар бир нарсани олдиндан билишни истайди. Кўп нарсаларга олдиндан тайёргарлик кўради. Аммо ўлим онларини кам ўйлайди, кам тайёрланади. Хўш, сўнгги нафас қандай бўлади? Наҳот одам бу билан қизиқмаса? Биринчи нафас, кўз очиб дунёни кўриш ўз ихтиёрида эмас. Аммо сўнгги нафасига тайёрланиши мумкин-ку? Покиза ҳолда кетадими бу дунёдан ё ҳаром ҳолидами — ўзига боғлиқ-ку?
— Сиз, азизим, масаланинг бу томонидан хотиржам бўлинг. Сизнинг сафарингиз хайрли, бу оламга покиза ҳолда кириб келасиз. Қўйинг, у ғовак қамишларни, балчиққа беланиб яшайверишсин. Сиз бағримизга келинг.

Ҳикмат Ўролов шундай деб кўздан йўқолди. Анвар нур оқиб кираётган дераза рўпарасида ёлғиз қолди. Йўқ, у ёлғиз эмасди. У бу дунёни тарк этган яхшиларнинг руҳи билан бирга эди. Бундай ҳолат уч кун такрорланди. Учинчи куни овқат ҳам емади. Чанқаганини ҳам сезмади. Беҳаловат тунда яна таниш овозни эшитди. Яна деразадан нур оқиб кирди.
— Ўрнингдан тур, чойшабни ол. Узунасига йиртиб, арқон қилиб эш. Ҳожатхонага чиқ. Деразадаги темир панжарага арқоннинг бир учини боғла. Бир учини сиртмоқ қил. Уч-тўрт дақиқа кифоя. Биз сени бутунлай олиб кетамиз. Истасанг хат ёзиб қолдир. Холидийни айбла. У тинчини йўқотсин...

Овоз тинди. Аммо Анварнинг руҳига эгалик қилаётган шайтоний ҳис уни ўрнидан туришга, чойшабни олиб йиртишга ундайверди. Ниҳоят, у ўрнидан турди-да, чойшабни олиб йиртди. Арқон қилиб эшди. Сўнг эшик томон юрди. Остонага етганида изига қайтди. Қоғоз-қалам олиб ёзди. Ғира-ширада ёзаётган хатлари беўхшов чиқаётганлигига эътибор бермади.

Тасодифни қарангки, унинг ёзганини ўша — ёноғида тукли холи бор навбатчи ҳамшира биринчи бўлиб ўқиди:

«
Бошгинамга ағанаган, катта тоғлар, алвидо!
Мен кетарман ҳасратланиб, руҳи соғлар алвидо!
Бу дунёнинг шўришига навниҳоллар тебранинг,
Эслироқ боғбони йўқ, қолди боғлар алвидо!

Асқар Қосим
»

Ҳамшира буни ўқиб, тушунмай елка қисди-да «қизиқ, ғирт жинни экан-ку», деб қўйди.

XXIII боб

1

Чувринди, Асадбек тайинламаса ҳам эрталаб, кечқурун Манзура, Кесакполвон, кечқурун эса ўз уйидагилар билан телефонда гаплашиб турар эди. Красноярга келишганининг саккизинчи туни кутилмаганда Чувринди билан Жалил қўнган уйнинг телефони жиринглади. Меҳмонларнинг хизматини қилиб юрган йигит Чувриндини уйғотиб, бир аёл шошилинч сўраётганини айтди. Чувринди Манзуранинг овозида хавотирни сезиб, сергакланди.
— Масковдан доктор Худоёр деган бир киши телефон қилди. Олмондан келдим, дейди. Ўғилларингизга тааллуқли гапим бор, дейди. Бу гапини фақат акангизга айтармиш. Юрагим ёрилиб кетай деяпти.

Манзура сўнгги сўзларини йиғламсираб айтди.
— Хавотирланманг. Болалар бирор зарур гап айттириб юборишгандир. Ўғил боланинг фақат отасига айтадиган гапи ҳам бўлади, биласиз-ку. Бу ёққа келишдан аввал гаплашдик-ку. Бир ойда борармиз дейишувди, шу сафар машмашасидур-да.
— Ким билсин, юрагим ўйнаб кетяпти. Акангизга нима деймиз?
— Ўша одам телефонини бермадими?
— Вой, берди, ёзиб оласизми? — Манзура айтди, Чувринди ёзиб олди. Кейин «ҳозирнинг ўзида гаплашамиз» деб тинчитган бўлди. Чиндан ҳам ўша заҳоти Москвадаги рақамни терди. Доктор Худоёр дегани хонасида йўқ эди, жавоб бўлмади. Чувринди яна икки қайта қўнғироқ қилгач, Манзурани тинчлантириш мақсадида унинг рақамини терди. Манзура телефон ёнидан жилмаган эди, бир жиринглашдаёқ гўшакни кўтарди. Чувринди: «Доктор Худоёр билан гаплашдик. Болалар соғ, тижорат мақсадида бир гап айттириб юборишган экан. Шу ой ичи келишга тайёрланишаётганмиш», деб Манзурани тинчитди. Аммо ўзи хавотирли саволлар тўрига ўралди. Яна Москва рақамини терди. Жавоб бўлмагач, Кесакполвонга қўнғироқ қилиб, огоҳлантирди.

Чувринди олтинчи уринишда Москва билан боғлана олди. Гўшакдан салобатли овозни эшитгач, беихтиёр равишда салом берди.
— Ваалайкум салом, марҳабо афандим,— деган жавобни эшитгач, ўзини танитиб, бу зотнинг тасодифий қўнғироғидан бир оз хавотирга тушганларини ҳам маълум қилди.
— Узримни қабул этинг, афандим,— деди доктор Худоёр.— Айтилажак омонат гапим Асадбек жанобларининг ўзларигагина аталгани сабабли ул жанобнинг аҳли аёлларига айтмоқни лозим топмадим. Аммо билингизким, хавотир олмоғингизга асло асос йўқтур. Айтажак гапимнинг маъноси хайрли кечажакдир. Асадбек жаноблари лутф қилиб бурая келсалар эди, чўх гўзал бўлурми эди, афандим. Менинг-да сафарим уч кундан сўнг халос бўлажак.
— Ўзбекистонга келмайсизми?
— Оҳ, Ўзбекистон қалбимдадир, аммо бормоғимга ижозат йўқтур. Афсуслар чекурман.

Чувринди бу гапдан сўнг эзмаланиб ўтирмади. Бугун ёки эртага етиб боражакларини маълум қилиши билан у томонда гўшак жойига илинди. Чувринди доктор Худоёрнинг кимлигини билмаса-да, унинг Оврупо одатлари руҳида тарбия топган ўзбеклардан эканини фаҳмлади. Чувринди яна Кесакполвонга қўнғироқ қилиб, Олмониядан келган ватандошнинг юртга келиши учун ижозат олиш мумкинми ё йўқми эканини аниқлашни топширди. Кесакполвон буни Асадбекнинг топшириғи сифатида қабул қилиб, ишга ҳозироқ киришажагини айтди. Тун ярмидан оққан бўлишига қарамай, Чувринди Козловга ҳам қўнғироқ қилди. Буларнинг оламида тунми, кунми, одам хастами ё соғми— фарқи йўқ, зарур гап чиқдими, телефон қилинади ё излаб топилади. «Сен мени тунда уйқумни буздинг» ёки «хасталигимда безовта қилдинг» деган гаплар бўлмайди. Чувриндининг мезбонга бемалол қўнғироқ қилиши шу ёзилмаган қоида асосида эди.

Козлов овоз бериб, бир эснаб олгач: «Эшитяпман, гапираверинг», деди. Чувринди доктор Худоёрни Ўзбекистонга келиши учун рухсат олиш масаласини ҳал этиш мумкинми, деганда «нў проблем», деб гапини калта қилди.

Тонгга яқин аввал Кесакполвон, сўнг Козлов қўнғироқ қилишиб бу масалани ечиш асло мумкин эмаслигини айтишди.
— Москвада турганининг ўзи катта гап экан,— деди Козлов.— Бунақа сиёсатга аралашмаганинглар маъқул. Уларнинг ҳисоб-китобларига бизнинг тишимиз ўтмайди.
— Унда бугуноқ Москвага учишимиз керак.
— Яхши, уч кишига буюриб қўяман.
— Москвага Бек акам билан учамиз. Жалил акани уйига юборамиз.
— Нў проблем. Маҳмуд, билиб қўй, кеча врач билан гаплашдим. Асаднинг касали жиддий. Яхши даволанмаса узоққа бормаслиги мумкин, деган тахминлари бор. Москвада олиб қолиб, ўша ерда даволаш керак. Мен у ердаги одамларимга тайинлаб қўяман.

Иш жадаллашиб кетди. Уч соат деганда Чувринди билан Асадбек тушган тайёра Москвага қараб учди. Жалилни эса Козловнинг йигитлари пешиндан сўнг кузатадиган бўлишди. Жалил тунги қўнғироқлардан бехабар, дўстининг «тузалиб қолганидан» мамнун бўлиб, «буларнинг Масковда битадиган иши бордир, хира пашшадай юраманми орқаларидан» деб уйга ёлғиз қайтишга кўнди.

Асадбек ўзини бир дон чўқиб, бир атрофга хавотир билан аланглаб қўядиган мусичага қиёс қиларди. Ўғилларим ўзимга ўхшаб умр бўйи қил кўприк устида яшашмасин, деб болаликларидан ўқишларига жиддий эътибор берди. Юқори синфга чиқишгач, қўшимча муаллимлар ёллади. Ўғилларини сира ҳам ўзининг ишлари, ташвишларига яқинлаштирмади. Олдинма-кейин мактабни битирган ўғилларининг Москвада ўқишларини истади. Сўнг, Германияга бориб ўқиш имкони туғилгач, ҳеч иккиланмай жўнатди. Манзуранинг хавотирларига ҳам, инжиқликларига ҳам парво қилмади.

Болаларини икки йилдан бери кўрмаган эди. Бу ёзда таътилга келишларини кутаётганди. Доктор Худоёрнинг кутилмаган ташрифи, гарчи у хайрли гапни ваъда қилган бўлса-да, Асадбекнинг тинчини олган эди. Хасталик сабабми ё икки йиллик соғинчми, унинг ҳаловати бузилганди.

Эрталаб Чувриндидан воқеани эшитгач, доктор Худоёрга ўзи қўнғироқ қилмоқчи бўлди. Ҳатто телефон гўшагини кўтариб, дастлабки рақамларни терди ҳам. Кейин «бу телефонда гаплашадиган гап эмас» ёки «Мен Олмониядан келиб, сенга гап айтаман десаму сен телефонда олифтагарчилик қиласанми?» деб қолса яхши бўлмас, деган фикрга келиб, шаштидан қайтди. Ҳозир гўё осмон ҳам, ундаги тайёра ҳам қимир этмай турган каби туюлиб, юраги сиқилди-ю, қўнғироқ қилмаганига афсусланди. Кейин: «ҳар ҳолда яхши гап айтаркан-ку, ёмон хабар бўлса бир учини чиқарарди...» деб ўзига ўзи тасалли берди. Тайёра бекаси нонушта билан сийлагач, мудроқ босиб, суянчиқни пастлатди.

Тайёра Асадбекнинг жисмини Красноярдан тобора узоқлаштираётган бўлса-да, хаёли уни изига қайтарарди. Аввалига уни қабристон бўсағасида ўша қария қаршилади. Қаршилади-ю, бош чайқади. «Мен сенинг кимлигингни биламан. Шунинг учун сўрамадим. Сен эса: «Нима учун сўрамади-я?» деб ўйлаб ҳам кўрмадинг» деди. Асадбек «Мен тижорат билан кун кўраман», деди. Қария бош чайқади. «Тижорат — дарахтнинг барглари. Дарахтнинг танаси бор, озиқ оладиган илдизлари бор. Сендан қўрқаман. Сендайлар мана шу қамоқда бизларга кун бермас эди». Қария шундай деб тескари қарадию кўздан ғойиб бўлди. Сўнг... ўт босган қабрлар орасида отаси кўринди. Бир қўлида чана, бир қўли билан имлаб чақиради:
— Келақол тойчоқ, чанада учираман,— дейди.
— Ҳозир ёз фасли, чанада училмайди,— дейди Асадбек.
— Келавер тойчоқ, учираман. Эсингдами, охирги кўришганимизда сенга чана олиб келган эдим. Аммо учиролмадим. Шу менинг армоним. Кел, армоним ушалсин.
— Қишда келаман, учирасиз.
— Кел, албатта келасан, учираман. Самандар ҳам шу ерда, онанг ҳам шу ерда. Ҳаммамиз бир бўлиб учамиз... Кел тойчоқ, келақолгин...

Кўкатлар ямлаб ютгандай отаси йўқ бўлди.
— Ота!..

Асадбекнинг нафаси қайтди.
— Бек ака, Бек ака...— Чувринди елкасига аста туртиб уйғотди.— Ёмон туш кўрдингизми?
— Алаҳсирадимми, бақирдимми? — деди Асадбек қаддини ростлаб.
— «Ота!» дедингиз... Ярангиз янгиланди. Шунақа тушлар кўриб турасиз энди.

Тасалли учун айтилган бу гапни эшитиб Асадбек бош ирғаб қўйди. Сўнг бир оз сукут сақлаб, Чувриндидан сўради:
— Сен ҳам тушингда отангни кўрасанми?
— Йўқ.
— Кўрмаганинг маъқул.
— Нега?
— Ҳали ёшсан... Вақтики келиб отангни тушингда кўрсангу, отанг «кел болам, отга миндираман», деса эҳтиёт бўлавер.
— Сиз... шунақа ирим-сиримга ишонасизми? Мен ишонмайман. Умуман... мен отамни тушимда кўрмасам керак. Унинг сурати бўлганида ҳам, уни соғиниб, қўмсасам ҳам бошқа гап эди.
— Ёшсан, Маҳмуд, кўп нарсаларга ақлинг етмайди. Мен Красноярда бекор ётиб ўйлай-ўйлай бир ҳақиқатнинг тагига етдим: биз бу дунёда ўзимизга хон, ўзимизга бекмиз, деб керилиб юрарканмизу, аммо ўзимиз истаганча яшамас эканмиз. Бизни қандайдир куч бошқарар экан.
— Худоми?
— Балки Худодир. Мен буни билмайман. Диний илмим бўлганида сенга аниқроқ бир нарса айтардим. Қайтганимдан кейин Собитхон билан учрашсак, ундан сўрайдиган саволларни йиғиб қўйдим.
— Боргунимизча оёққа туриб қолар. Дўхтир «юриб кетишига умид бор», девди.

2

Москвага кун ёйила бошлаган маҳалда етиб, қўнишди. Асадбек ҳам, Чувринди ҳам тайёрада Козловнинг йигити кузатиб келганидан бехабар эдилар. Кузатувчи улардан аввалроқ ҳаракат қилиб тайёрадан тушди-да, зина олдида уларни қаршилади:
— Кўчада машина кутиб турибди,— деди у, икковини баравар ажаблантириб. Сўнг кўчага чиқиб, машинага ўтиришгач, изоҳ берди: — «Россия» меҳмонхонасидан жой буюрилган. Сизга керакли меҳмон ҳам ўша ерда шекилли, а?

Улар меҳмонхонага жойлашишгач, Асадбекнинг ювингани кирганидан фойдаланиб, кузатувчи йигит Чувриндига кимнингдир исми ёзилган бир шапалоқдай қоғоз берди:
— Мана шу врач эртага соат ўнда сизни кутади. Зарур бўлса уй ёки хизмат телефонига истаган пайтда қўнғироқ қилаверинг, огоҳлантириб қўйганмиз. Мана бу Красноярдаги тиббий хулосалар. Хўжайинга кўрсатмас экансиз, — у шундай деб қўлидан қўймай келаётган қоғоз ўрамини узатди. — Мен бир соатдан сўнг яна келаман. Қайси хонага жойлашганимни айтаман. Кетгунингларча сизларнинг хизматингизда бўламан. Буйруқ шундай бўлган.

Улар доктор Худоёр билан бир қаватдаги хонага жойлашган эдилар. Чувринди чиқиб навбатчидан доктор Худоёр келиши билан хабардор қилишини сўради.

Орадан бир ярим-икки соатча вақт ўтгач, доктор Худоёрнинг хонасига кириб кетгани маълум қилинди. Чувринди «мен ҳам чиқайми?» дегандай Асадбекка қаради. Асадбек иккиланди. «Сен қолавер», деса кўнгли оғрийди, бошлаб чиқса-да, доктор Худоёр «бу ёлғиз ўзингизга айтиладиган гап», деса яна ноқулай. Асадбекни бу ўнғайсиз ҳолатдан Чувриндининг ўзи қутқарди:
— Ресторанга тушиб, беш-олти кишилик жой тайёрлаб тураман,— деб ўрнидан турди.

Асадбек эшикни тақиллатгач, ичкаридаги одам немисчалаб нимадир деди. Асадбек тушунмади. Адашдимми, деб изига қайтмоқчи бўлганида эшик очилиб, ўрта бўйли, қорачадан келган, тилла ҳалли кўзойнак таққан олтмиш ёшлардаги киши кўринди. У Асадбекни кўриши билан жилмайди-да:
— Марҳабо,— деди,— фикри ожизимча сиз Асадбекдирсиз, а? Марҳабо, жаноб, қалбимдасиз.

Асадбек салом бергач, остона ҳатлади-да, сўрашмоқ учун қўл узатди.
— Биз учун ватандош ила бундайин тарзда кўрушмак чўх уятдур,— у шундай деб Асадбек билан қучоқлашиб, юзини юзига босди.— Сиздан Ватан ҳавоси келадур, чўх мамнундирман, афандим.

Доктор Худоёр уни ичкарига бошлаб кирди. Асадбек жойлашиб ўтиргач, ўзини танитди:
— Афандим, сизни мен билурман. Чўх гўзал ўғулларингиз вордур. Бир олманинг бир юзи сизу яна бир юзи фарзанду аржумандларингиз, демак мумкиндир. Камина доктор Худоёр. Катта бобом Худоёрхоннинг қулоғига азон айтмиш эканлар. Отам раҳматли шу воқеани унутмаслик мақсади ила менга Худоёр исмини бермиш эканлар. Мен Туркияда камол топдим, сўнгроқ Олмонияга илм истаб келдимки, ҳануз шундадурман. Биофизика илмини дуруст фаҳм этиб, Олмонияда хизматдадурман. Москвада олам олимлари конферанс этмиш эканлар. Менда Олмон фуқароси сифатида иштирок этурман. Менинг сафарга отланажагимни хабарлаб жаноб Музаффархон бир ўтинч қилибдурлар.
— Музаффархон? Ким у?
— Сиз у зотни билмайсиз?
— Йўқ.
— О, у зот чўх гўзал инсондур. Олмониядаги туркийлар орасинда чўх эътибори вордур. Ватандошлар у зотни чўх эъзоз этурлар. У зотнинг бойлиги ҳам ҳисоб билмас. Сизнинг фарзанду аржумандларингиза жанобнинг назарлари тушибдур. Оллоҳ Музаффархонга бойлик баробаринда икки қиз ҳам бермиш. Музаффархон жаноблари икки ўғлингиза ошиқ бўлуб, уларнида куяв ўғул қилиш илинжида аввал Оллоҳдан сўнгра сиз жанобдан изн сўрайдурлар. Жанобингизни, алалхусус, совчи десангиз-да маъқул бўлаверар,— доктор Худоёр шундай деб жилмайди.

Эрталабдан бери турли гумону фикрларга банди бўлган Асадбек учун бу таклиф кутилмаган эди.
— Юзма-юз ўтириб фикрлашмакка амр этилгани сабабиндан сизни бу ёна чорладимки, айб этмассиз. Агарчи бу таклифни маъқул кўрсангиз, сиз ҳам, Музаффархон жаноблари ҳам ташвишлардан халос бўлурсиз. Яъниким, фарзандларингиз эмин-эркин ҳолда илм олажаклар. Музаффархон эса қизларини мўъмин, солиҳ фарзандларга берадур, қизлари Ватанда яшамоқ шарафига етажаклар, иншооллоҳ.
— Жавобни ҳозир айтишим шартми? — деди Асадбек.
— Йўқ, асло! — деди доктор Худоёр.— Бизнинг ихтиёримизда бир кун вордур. Конферанс эртага халос бўлажак. Мен индин сабох кетажакман.
— Ўғилларимнинг бу гаплардан хабарлари борми?
— Албатта. Уларда ризо. Сиз ризо бўлсангиз, барча тўйга ҳозирдур. Сиз ўйламангки, Музаффархоннинг қизлари Оврупо қизлари кабидур, деб. Асло, улар муслимадурлар. Ўзбекчани сўзламакнида, урф-одатнида мендан дуруст билурлар.

Доктор Худоёр ўрнидан туриб стол устидаги қоғозлар орасидан икки варағини олиб, Асадбекка узатди:
— Бу Олмонияга даъватдур. Ризо бўлсангиз аҳли аёлингиз кузатувида борурсиз. Тўйни аввал атта қилурмиз. Ризо бўлмасангизда борурсиз, Олмонияни томоша этурсиз. Сиз истак билдирурмисизки, ҳозир телефон қилиб Музаффархон ила сўзлашмакка?
— Йўқ, ҳозир эмас. Озгина ўйлаб олай. Агар имкон бўлса, ўғилларим билан гаплашиб олардим.
— Чўх гўзал фикр, афандим,— доктор Худоёр телефон гўшагини кўтариб, Олмония билан улашларини илтимос қилиб лозим рақамни айтди. Буюрма қабул этилгач, Асадбекка юзланди: — Тўрт соат кутмоғимиз зарур экан.
— Унга қадар, меҳмон, бирга чой ичсак. Ресторанда жой тайёр. Бир-икки оғайниларни ҳам таклиф этаверинг. Уйга борганингизда-ку, бошқача кутардик.
— Насиб... насиб...— деди доктор Худоёр.— Афандим, чой ичмакка мен ризо. Фақат ювиниб олайин.

Асадбек ярим соатдан сўнг киражагини айтиб, хонасига қайтди-да, уйига қўнғироқ қилди. Манзуранинг саволларига қисқа қилиб жавоб бергач, доктор Худоёрнинг йўқловидан мақсадини айтди.

Бу кутилмаган таклиф Асадбекники гангитдими, Манзуранинг аҳволини тасаввур этаверинг. Кўча-кўйдами, таниш-билишлар орасидами чиройли қизларни кўз остига олиб юрган, келин тушириш, орзу-ҳавас кўриш умидида яшаётган аёлнинг барча мўлжаллари бир гап билан пучга чиқарилса нима ҳам дея оларди? Қизининг қисмати каммиди унга? Энди ўғиллари чет элдаги қизларга уйланишса... Келин бўлмишлари хипча белларини тортиб турган шим кийиб кириб келишса... қонсиз юзларига обдон бўёқ чаплашса... улама киприклари сийрак қошларига тегиб турса. Супурги нималигини билишмаса, ошхона нималигини билишмаса... Ресторандан бери келишмаса...

Манзура Музаффархоннинг қизларини шундай тасаввур этиб, бадани жимирлаб кетган, шу боис эрига бир нима дея олмай жимиб қолган эди.
— Ҳа, нафасинг қайтиб ўлиб қолдингми? — деди Асадбек, жаҳл билан.

Дарров жавоб қайтармагани учун Манзура бу қизларни ўзи топиб, ўзи бемаслаҳат келин қилаётгандай эридан балога қолди.
— Адаси, кўрмасдан туриб нима деймиз? Қўй оладиган ҳам бозорга бориб, кўриб олади-ку? — деди эридан эшитадиганини эшитиб олгач.
— Ҳов, калла борми, сенда? Бу амма-холангнинг маҳалласимас, қиз кўргани икки кўча нарига бориб келадиган. Улар Германияда туради, дедим, тушунмадингми?
— Тушундим, лекин...
— Лекин-пекинни қўй. Ўғилларинг билан гаплашаман, хўп дейишса, тамом, мен ҳам кўнаман.
— Адаси, бу умр савдоси...

Манзуранинг гапи чала қолди. Асадбек гўшакни жойига қўйди. Аслида қўнғироқ қилишдан мақсади хотини билан маслаҳатлашиш эмас эди. Чунки бу, унинг назарида, хотин киши билан маслаҳатлашиб пишириладиган ош эмасди. Асадбек хотини хавотирда эканини Чувриндидан билиб, уни тинчлантириб қўймоқчи эди. Манзура бу қўнғироқдан сўнг бир томондан тинчиди-ю, аммо иккинчи томондан ташвиши ортди.

Ваъдага биноан ярим соатдан сўнг Асадбек доктор Худоёр жойлашган хона эшигини тақиллатди. Ресторанга қадар ёнма-ён юриб гаплашиб бордилар. Ресторан эшигига етганда доктор Худоёр тўхтаб:
— Кечинг,— деди.

Асадбек бу сўзга тушунмади.
— Сиз ўнг томондасиз, аввал сиз кечинг,— деди доктор Худоёр,— қўли билан эшикни кўрсатиб. Шундагина Асадбек «аввал сиз ўтинг», деган маънони уқиб, ичкарига йўналди.

Чувринди дераза олдида олти кишилик жой ҳозирлаб ўтирган эди. Доктор Худоёр ўтиргач, дастурхон устидаги ичимликларни кўриб, Асадбекка ажабланиб қаради:
— Булар кимга?
— Бизга... сизга...— деди Асадбек.
— Булар ҳаром-ку? Сиз... намоз қилмайсизми?

Асадбек бу саволдан ўнғайсизланди. Уни бу ҳолатдан чиқариш учун Чувринди суҳбатга аралашди:
— Бек акам шаҳарда катта масжид қурдиряптилар. Бизга ҳам Худо инсоф бериб, намоз ўқиб қолармиз.
— Астағфируллоҳ! — деди доктор Худоёр.— Масжид қуриш савоб, аммо фарз эмас. Аввал фарзни адо этмак жоиздур. Ажабки, биз христиёнлар юртида яшаб намоз қиламиз. Сиз ўз юртингизда, мусулмонлар юртида яшаб-да, намоз қилмайсиз. Сиз Расули акрам афандимиз жаноб Ҳақдан ривоят этган «менга бир қарич яқинлашганга мен бир аршин ва бир аршин яқинлашганга эса бир қулоч яқинлашгайман. Бирон кимса Мен томон кела бошласа, Мен ҳам унга пешвоз чиқаман», калимасин эшитмаган чиқарсизлар? Я Раббим, гуноҳкор қулларингнида ўзинг авф этгайсан...

Асадбекнинг ишораси билан Чувринди ўрнидан туриб, офитсиантни бошлаб келди-да, шишаларни, колбаса қўйилган ликопларни йиғиштирди. Унга қадар доктор Худоёр индамай ўтирди. Дастурхон усти ҳаромдан ҳоли бўлгач, тилга кирди:
— Афандим, бундай асъасага ҳожат надир? Сиз мени чойга таклиф этиб эдингиз? Бунча нарса ўн кишигада кўпдир.
— Меҳмоннинг иззати-да,— деди Чувринди, Асадбекнинг ўрнига жавоб бериб.
— Инсоннинг иззати исроф билан ўлчанмайдир, афандим. Иззат яхши ила, яхши саъй ила ифодаланур. Буни англамак жоиздир.

Бир неча дақиқалик суҳбатдан сўнг маълум бўлдики, доктор Худоёрнинг одоби ҳам, одати ҳам европалашган. Манзират, лутф, ҳилм деган тушунчалардан бирмунча йироқ. Нимани ўйласа, шуни айтади, суҳбатдош бу тўғри гапдан ранжийдими йўқми — фарқламайди. Ҳар нарсага, ҳатто айтаётган сўзларига ҳам иқтисод нуқтаи назаридан ёндошади.
— Мен бу оқшом сизлар билан узоқ ўтира олмасман, афандилар,— деди у.— Ҳар куни икки соат китоб ила ёлғиз қолмакни ҳар нарсадан афзал билурман. Йигирма дақиқадан сўнг сизларни тарк этажакман.
— Мажлисдан сўнг дам олмайсизми? — деб сўради Асадбек.
— Дам? Бунга ҳожат надир? Сиз менга айтинг, жаноб Асадбек, Горбачев қайта қуришни олам аро эълон қилди. Болтия давлатлари советлардан ажралиб, мустақил бўлиш арафасидадир. Ўзбекистонда бундай ҳаракат мавжудми ёки йўқми?

Асадбек «бу ҳақда сен гаплаша қол», дегандай Чувриндига қаради. Чувринди бу қараш маъносини англаб:
— Ҳа, бор,— деб жавоб берди.
— У ҳолда нечукким, бизлар бехабармиз?

Чувринди Орзубек ҳақида сўз бошлаганда Асадбек «шуни гапирмасанг бўларди» деган маънода қошини чимирди. Чувринди бу ишорани ҳам пайқаб гапини мухтасар қилди.
— Ватанга фақат муҳаббат керак. Ватанни юракдаги муҳаббат ила севмас эканмиз, у саҳродаги сувсиз ниҳол сингари қуришга маҳкум ўлажак. Ватанга сизнинг муҳаббатингиз бўлак, бизникида бўлак, азизларим. Сиз Ватан ичида яшаб Ватандан айрилгансиз. Бизнинг қалбимиз Ватан соғинчи ила тепар. Умримиз халос бўлгач, устимизга Ватан ҳажри кафанини ёпажаклар,— у шундай деб соатига қараб олгач, ўрнидан турди-да, бошини киборларча эгиб таъзим қилди.— Чўх ташаккур азизларим. Оқшомингиз хайрли ўлсун.

Асадбек кузатмоқчи эди, у унамади. Одати европача, гаплари ўзбекча-туркча аралаш бўлган бу одам Асадбекда яхши таассурот қолдирди.

Эртасига эрталаб Асадбек шаҳарга чиқишга истак билдирмади. Шунинг учун Чувринди Козловнинг йигити айтган врачни йўқлаб борди. Врач у келтирган тиббий хулосалар билан танишгач, ўйланиб қолди:
— Хулосалар тўғри — ракдан бошқа нарса эмас бу. Олди олинмабди. Кечикдингиз, деб қўрқаман.
— Кечикдингиз? Қанақасига?! — Чувринди унга ҳайрат билан тикилди. — Ўн кун бўлмади бошланганига.
— Йўқ, азизим. Камида ярим йил аввал бошланган. Балки ўтиб кетадиган оғриқ деб эътибор бермагандир. Қизиқ, ўзингизда яхши мутахассислар бор, Красноярскка олиб бориб нима қилардингиз?
— Красноярга иш билан борган эдик. Оғриқ зўрайиб кетди.
— Агар истасангиз, уни ётқизиб яна бир қайта текширувдан ўтказишим мумкин. Лекин бунақа ҳолларда мен аччиқ бўлса ҳам ҳақиқатни айтишни лозим кўраман.

Чувринди унинг ҳузуридан руҳи эзилган ҳолда чиқди. Красноярда эканида Козлов хасталикнинг номини айтганида бир чўчиб тушган, уларнинг хулосаси хатодир, деб ўйлаган эди. Умид чиннисини шу врачга икки қўллаб, эҳтиётлаб кўтариб келган эди. Энди бу чинни ҳам синди.

Синди?! Йўқ!! Биттаси тахмин қилди, иккинчиси тасдиқлади. Энди элликка кирган одам бир неча ойда қуриб бўлар эканми? «Йўқ! Ўнтаси айтсин, мингтаси айтсин, барибир ишонмайман!» Чувринди шу хаёлга келиб, қўлидаги қоғозларни бурдалаб ташлади. Йўлда бора туриб Асадбекнинг тайёрада айтган гапларини эслади. «Наҳот тушида аён бўлди?» деб ўйлади. Бу ўйни «тушга нималар кирмайди», деб шу заҳоти бўғиб ўлдиришга интилди.

Меҳмонхонага қайтгач, нотаниш одамларни кўриб таажжубланди. Тўрдаги ўриндиқда хаёлга берилиб ўтирган Асадбек у кириши билан таништирди:
— Сен бу кишини эшитгансан: Хонгирей.

3

Хонгирей деганлари қирқ ёшлардаги, ўзига оро бериб кийинган, бармоқларига тилла узук таққан одам эди. Чувринди унинг чақчайган кўзларида бир ёввойи куч илғади. Асадбек унинг шерикларини таништириб ўтирмади.

Хонгирей Чувринди қайтишидан сал олдинроқ кириб келган эди. Асадбек у билан икки марта учрашган, гарчи бир оламнинг фуқароси бўлсалар-да, ораларида яқинлик йўқ эди. Шу сабабли унинг тўсатдан кириб келишидан таажжубланди. Хонгирей Асадбек билан кўришаётганда ўзини киборларча тутди. Аввалги икки учрашувда ҳам шундай бўлгани учун унинг бу қилиғидан ранжимади.
— Асад,— деди Хонгирей, тик турганича,— яқинда менинг энг яқин одамим ўлди. Унинг васиятига кўра сени топдим. Марҳумнинг васияти биз учун қонун.
— Қани, ўтир, Хонгирей, тик туриб гаплашишнинг хосияти йўқ.

Хонгирей юмшоқ ўриндиққа ўтириб, оёқларини чалиштирди.
— Академикни эшитганмисан? У менга устоз қатори эди. Ана ўша ажойиб одамни ўлдириб кетишди.
— Ким?
— Кимлигини ўзим биламан. Муҳими шуки, у қўлидан келмайдиган ишни қилмоқчи бўлди. У ўлими олдидан менга бир-икки гап айтибди. Зелихоннинг Элчин деган дўсти бор экан, сенинг юртингда. Ўша ўлмаслиги керак!

Бу буйруқ оҳангида, Асадбекнинг ғаши келиб, заҳарли илжайди:
— Одамларинг яхши ишламай қўйишдими ё ўзингни гўлликка соляпсанми? Элчин — менинг куёвим.
— Биламан буни. Шунинг учун ҳам ўлмаслиги керак. Бу — бир. Қамалмаслиги керак, бу — икки. Хуллас, уни биров чертмаслиги керак, бу — уч. Энди у бизнинг ҳимоямиздаги одам.
— Яхши. Шуни айтгани келдингми?
— Йўқ, бошқа гапларим ҳам бор. Сен Козлов билан яқинлашаверма. У билан битказадиган ишни аввал мен билан келишасан.
— Ҳаддингдан ошяпсан, Хонгирей.
— Мен ҳаммага ҳам яхши гапиравермайман, бу — бир. Ҳамма гапни ҳам ўзим келиб айтмайман, йигитларимдан айттириб қўя қоламан, бу — икки. Шундан билки, Асад, мен сени ҳурмат қиламан. Майли, шу ҳурмат ҳаққи сенга осилмайман. Лекин Козлов менинг ихтиёримдаги одам бўлиши керак. Сен менга тўсиқ бўла кўрма.
— Мен Козлов билан савдо-сотиқ қиламан, бошқаси билан ишим йўқ. У сенга тобе бўладими, катта холасигами, менга барибир.
— Ҳа, ана, энди тушуниб етяпсан. Энди мен айтгунимча у билан савдо-сотиқ ҳам қилмай тур. Мен ошни пишириб олай, кейин гаплашамиз.
— Буни ўйлаб кўраман.
— Асад, сен менинг ҳурматимга яраша иш қил. Сенинг қўлинг калта. Меники эса узун. Мен билан тортишма. Мен истаган куни бутун уруғинг билан қирилиб кетасан. Сен битта шаҳарга хўжайинсан. Мен эсам,— Хонгирей деразадан кўриниб турган Кремл деворларига ишора қилди,— ҳатто бу ердагиларни ҳам ўйнатишим мумкин.
— Мени қўрқитма, Хонгирей. Сенинг кучингни биламан. Лекин сендан қўрқмайман. Бировдан қўрққан куним ўзимни ўзим отаман.

Шу гапларни айтаётганда эшик очилиб Чувринди кириб келди.

Хонгирей айтадиган гапини айтиб бўлган эди. Шу боис ўрнидан туриб, хайрлашиб чиқди. У кетгач, Асадбек анчагача индамай ўтирди. Чувринди «Хонгирей нима учун келибди?» деб сўрамади. Агар Асадбек лозим топса ўша гапни ўзи айтади. Лозим топмадими, сўрашнинг ўзи ортиқча. Чувринди Москвага келиб Асадбекнинг икки сиридан огоҳ бўла олмади. У учун доктор Худоёрнинг суҳбати ҳам қоронғилигича қолди.

Ресторандан қайтишгач, Асадбек Чувриндини хонада қолдириб яна доктор Худоёр ҳузурига чиқди. Телефонда ўғиллари билан гаплашди. Уларнинг тўйга майллари борлигини билгач, «онанг билан борамиз, келмай туринглар», деб ризолигига шама қилди. Чувринди Асадбекнинг Манзура билан гаплашганидан ҳам бехабар, «доктор Худоёрнинг гапларини айтиб, янгамни тинчитиб қўйсакмикин», деган эди Асадбек унга ола қараш қилиб «янганг тинч ўтирибди», деб тўнғиллади.

Чувринди Хонгирей чиқиб кетганидан бери индамай ўтирган Бек акасига ачиниб қаради. Дардига малҳам бўлгиси келди. Лекин бу ўжар хожаси уни яқин йўлатгиси йўқ. Бошқа пайт бўлганида Чувринди бу ҳолатга зўр аҳамият бермас эди. Ҳозир, врачнинг хулосасини эшитиб келган чоқда, гарчи бу хулосага ишонгиси келмаса-да, ўзи учун ота каби яқин бўлмиш бу одам дардига бефарқ қарай олмас эди. У ора-сира Асадбекка зимдан, ўғринча қараб «наҳот шундай одамнинг умри шу қадар қисқа бўлса?» деб ўйларди.

Асадбек унинг ўғринча боқишларини сезиб ўтирарди. «Мендан гап кутяпти. Аввал ўзим ўйлаб, пишитиб олай, унга айтмасам, яна кимга айтаман?»
— Чой чақиртирайми? — деди Чувринди узоқ чўзилган сукутдан бетоқат бўлиб.
— Чақиртир, ташқарига чиққим йўқ,— деди Асадбек мулойимлик билан.

Чувринди навбатчи аёлга пул бериб, нималар келтириш лозимлигини айтгач, дарров изига қайтди. У ичкари кириши билан Асадбек қарорини маълум қилди:
— Тунги самолётда қайтамиз. Тайёргарликни кўриб қўй.
— Меҳмон эртага кетади шекилли, кузатмаймизми?
— У манзиратга тушунмайдиганга ўхшайди. Хафа бўлмайди. Сен ҳозир Ҳайдар акангга қўнғироқ қил, боргунимизча билиб қўйсин: Ҳосил яқин орада Москвага келиб кетмадими ё Хонгирейнинг одамлари биз томонларга бориб у хунаса билан учрашишмадими?

Чувринди шу гапнинг ўзиданоқ Хонгирейнинг мақсадини англагандай бўлди. Телефонга яқин ўтириши билан Асадбек қарорини ўзгартирди:
— Аввал Козловни топ менга. Ҳайдарга кейин айтасан.

Козловни топиш осон бўлмади. Чувринди Асадбек излаётганини маълум қилгач, бир соатдан сўнг унинг ўзи қўнғироқ қилди.
— Соғлиғинг қалай? — деб сўради у Асадбекдан.
— Яхши. Ҳозир Хонгирей билан гаплашдим.
— Тушундим... Сенга аввалроқ айтишим керак эди. Мазанг қочгани учун индамаган эдим. Қисқаси, Ҳосил деган билан алоқа қилишимни истаяпти у. Мен ҳеч қанақа Ҳосил деганни билмайман, деб турибман.
— Сен у билан ўчакишма. Хўп, деявер. Бу ёғини менга қўйиб бер.

Шу билан масала ҳал бўлди. Чувринди Козловнинг гапларини эшитмаган бўлса-да, масаланинг жиддийлигини, Ҳосилбойвачча Хонгирей билан яқинлашиб, Асадбекни йиқмоқ қасдида эканини фаҳмлади.

Агар врачнинг гаплари тўғри чиқса, масала ақл бовар қилмас даражада жиддийлашади. Чувринди учун ҳам ҳаёт-мамот масаласи кўндаланг тушади. У Ҳайдар акаси билан бирлашган тақдирда ҳам Ҳосилбойваччага тенг келолмаслигини билади.

XXIV боб

1

Зоҳид ишга бораётиб йўлда сабоқдош дўсти Солмоновни учратиб қолди. Қачонлардир илм толиблари орасида Ҳабиб Сатторовнинг бир қаноти Зоҳид бўлса, бу дўсти иккинчи қанот эди. Икковлон илмда тўнтариш ясаш қасдида шўнғишди-ю, ярим йўлда Зоҳид фанга хиёнат қилиб, адолат қасрини тиклашга енг шимарди.
— Сенинг фақат башаранг одамга ўхшайди. Меҳр-оқибат тариқча йўқ сенда,— деб гина қилди Солмонов.— Диссертатсия ёқладим, келмадинг. Лоақал телефонда табрикласанг ҳам майли эди.
— Ҳимоянг тушимга кирибдими? Айтсанг бораман-да,— Зоҳид шундай деди-ю, Ҳабиб Сатторов билан сўнгги учрашувида домласининг «Солмонов ўн саккизинчида ёқлаяпти» деган гапини эслади. Эслаб ўзидан ўзи ранжидию, аммо дўстига сир бой бермади.
— Мелисахонангга телефонда айтганман. Навбатчи милиса ёзиб олган, эшитгансану боргинг келмаган.
— У ердан кетганимга яқинда бир йил бўлади. Табрикнинг эрта-кечи йўқ, ҳозир ҳам табрикласам майлими?
— Энди табригингни қизиғи йўқ. Уйга келасан, юзта-юзта қилиб кейин ўйлаб кўрамиз. Мен сендан хафа эмасман. Ҳабиб аканикига нима учун келмадинг, ё буни ҳам эшитмадингми?
— Тўй қилдиларми? Бундан ҳам бехабарман, рост. Қачонлиги аниқ эсимда йўқ, лекин укаларини кўрувдим. Индагани йўқ. Ҳабиб ака Англиядан келдиларми?
— Йўқ, ҳали. Домланинг ошиғи олчи. Англиядаги илмий маърузалари тугаганидан кейин Америкага таклиф этилганлар. Сен, аҳмоқ, ростдан ҳам бехабарга ўхшайсан: домла тўй қилганлари йўқ, укалари оламдан ўтди.
— Укалари? Қайсиниси?
— Билишимча, укалари биттагина бўлса керак, тарихчи олим.
— Шу укаларини кўрувдим-да яқинда. Нима бўлибди?
— Жиннихонада экан, ўзини осибди. Эртага маъракаси экан. Балки Ҳабиб акам ҳам келиб қоларлар.

Ана шу нохуш хабарнинг сояси остида хайрлашдилар.

Солмонов бу нохуш хабарни одатий ҳол каби айтди. У Анварнинг жинни бўлгану ўзини осганига ишона қолган. Зоҳидда эса бу хабар таажжуб уйғотди.

Эртасига барвақт туриб Ҳабиб Сатторовнинг ота маҳалласига борди. Ошни еб чиқиб ҳассакашлар орасидан Ҳабиб Сатторов билан Элчинни қидирди. Домласи кўринмади. Элчин эса уч-тўрт оғайниси билан суҳбатлашиб турарди. Тўғри бостириб боргиси келмай, қатор турган одамлар сафига қўшилиб, нигоҳини Элчиндан узмади. Бир неча дақиқадан сўнг, Элчин шу томонга беихтиёр қарагач, нигоҳлари тўқнашди.

Элчин иккиланиб ўтирмай, даврадан ажралди-да, Зоҳидга яқинлашиб, саломлашди.
— Бандалик экан, ошнангизни ҳам бериб қўйибсиз.

Зоҳид барча учун анъанага айланиб қолган таъзия сўзларини айтди. Бундай ҳолларда қарши томон «Оллоҳнинг иродаси» деб қўйгучи эди. Аммо Элчин бу анъанага зид равишда қошларини чимирди-да:
— Бандаликми ё аҳмоқликми? — деди. Атрофдагилар бу гапдан ажабланиб уларга қарашган эди, Зоҳид одамдан холироқ томонга қараб юрди. Элчин унга эргашди.
— Гапингизга тушунмадим? — деди Зоҳид четга чиқишгач.
— Қандай ўлганини эшитмадингизми? Холидий деган хўжайини бор. Ўша билан ўчакишарди. Ўтган қишда бир жиннихонага тиқувди. Бурнига сув кирмабди. Яна жиннихонага тиқибди. Бу аҳмоқ ўзини осибди. Ори келгандир-да.
— Қўйинг, ўтганлар ҳақида ёмон гапирманг.
— Хўп, энди айтинг, уни ўлдиришга мажбур қилишди, а? Хўш, буларни нима қилиш керак? Сиз қамай олмайсиз, чунки сиртмоқда уларнинг бармоқ излари йўқ, сизга эса фақат бармоқ изи керак. Бу Холидий дегани нечта одамни қуритган, сиз билмайсиз. Даъво ҳам қилолмайсиз. Мен бориб Холидийни ўлдирсам, мени отасиз. Мантиқан қаралганда, мен уни ўлдирганим учун мукофотлашингиз керак. Чунки, уни ўлдирсам, нечта одамнинг ҳаётини сақлаб қолган бўламан.
— Сиз ҳеч қандай қонунни билмайдиган одамнинг гапларини айтяпсиз.

Элчин қўл силтади-да, чўнтагидан сигарета чиқарди.
— Жамшиднинг қотилини топдингизми? — деди сигарета тутатиб.
— Йўқ, қидиряпмиз.
— Жамшид ўлдирилганини аниқ биласизми, ўзи?
— У тирик, деб ўйлайсизми?
— Ўйламайман... шунчаки сўрадим. Менда гапингиз бормиди?
— Йўқ, кўнгил сўрамоқчи эдим. Ҳабиб ака келмабдилар шекилли?
— Англиядан келиб-кетиш осонми. Мен хизматдаги одамман, ичкари кирай. Ҳа, бояги гапим жиддий эмас, яна Холидий ичбуруғдан ўлиб қолса, мендан кўриб юрманг.

Элчин шундай деб сўнгги найзасини санчди-ю, нари кетди. Зоҳид азахонадан узоқлаша туриб унинг гап-ларини яна фикр тарозисидан ўтказди. «Жамшид ўлдирилганини аниқ биласизми, ўзи?» деган гапи уни ўйлантирди. Элчин шу гапларини айтаётганида кўзида қувлик учқуни чақнади. Зоҳиднинг зийрак нигоҳи бу учқунни илғади: «Бир нарсани билади шекилли, бекорга сўрамади буни». Зоҳид ишхонасига боргунига қадар Элчиннинг илмоқли саволини ўйлади. «Ҳарҳолда бир нарсани билади. Асадбек тўдасида қандай гаплар борлиги унга маълум. Лекин айтмайди. Қайнотасидан қўрқадими?..»

Саволлар янги саволларни уйғотаверди-ю, аммо биронтасига жавоб топилмади. Шундан кўнгли хира бўлиб, хонасига кирганида Ҳамдам қўнғироқ қилди.
— Прокурор, икки соатдан сўнг менга керак бўласан, хонангда ўтириб тур,— деди у.

Зоҳид унинг қўнғироғини кутишга ваъда берди. Бироқ, ярим соатдан сўнг уни кавказликларнинг ўлими билан шуғулланаётган ҳамкасби чақириб, ваъдани бузишга мажбур бўлди.

2

Ҳамдам эрталабдан Сайфи Турдиевни йўқлаб таксопаркка борган, унинг ишга кечроқ келишини билиб, идорадан Зоҳидга қўнғироқ қилган эди.

Сайфи Турдиев ярим соатлардан сўнг келди. Идора олдида турган Ҳамдамни кўрди-ю, оёғи беихтиёр қалтирай бошлади. Орадаги масофа ўттиз қадам чиқмаса-да, минг чақирим йўл босиб ҳоригандай аранг етиб келди. Ҳамдам унинг судралиб қолганини сезиб, кулди:
— Ҳа, ўғил бола, мени кўриб ичинг ўтиб кетдими, нима бало?

Бу ҳазил Сайфига сал дармон бергандай зўраки жилмайди:
— Нега унақа дейсиз, окахон?
— Юришинг бирданига майда қадам бўлиб қолди-да. Хўш, қалайсан? Уканг омонми?
— Худога шукр.
— Очиғини айтайми? Бугун сени тирик кўраман, деб ўйламовдим.
— Ёмон нафас қилманг-э...
— Туш кўрибман. Ана шу дарвозада сенинг каттагина расминг. Тагида таъзия ёзилган: «Сотсиалистик меҳнат зарбдори, ажойиб инсон, меҳрибон дўст Сайфи Турдиев...» Қара-я, ажойиб инсон экансан.
— Ўлгандан кейин ҳамма ажойиб инсонга айланади.
— Хуллас, нимадан ўлганингни билолмай уйғониб кетдим. Тушда ўлик кўрсанг, ўнгингда тирик кўрасан, дейишади, юр, би-ир айланиб келайлик.

Ҳамдам шундай деб кўча томон юрди. Бир неча дақиқадан сўнг Сайфи машинасини ҳайдаб чиқди. Ҳамдам ўтиргач:
— Қаёққа борамиз, окахон? — деб сўради.
— Ўликхонага қараб ҳайда,— деди Ҳамдам совуқ оҳангда.

Сайфи енгил титраб олди-ю, сир бой бермасликка ҳаракат қилиб:
— Қайси ўликхонага? — деди.
— Йигирма саккизинчи майда ўлик сотиб олган жойларингга.

Сайфи бу гапдан чўчиб, Ҳамдамга қаради:
— Менга қарама, йўлга қара. Қўрқма, мен сени қамамайман. Сен мен учун гувоҳсан. Агар ўзингни гўлликка солсанг, жиноятчиларнинг шериги деб рўйхатга тиркаб қўйиш ҳам қўлимдан келади.
— Жон окахон...
— Йўлга қара, деяпман. Ўликхонага ҳайда, гап бор. Калласи йўқ бола экансан. Тайёр ўликни олиб бориб ёқиб юборганларингни билишимиз ўзинглар учун яхши-ку? Одам ўлдириш ёмонми, ё тайёр ўликни ёқиб юбориш ёмонми? Билиб қўй: бизнинг олдимизда гуноҳларинг камайди, лекин хўжайинларинг олдида ёмон гуноҳга ботдинг. Баъзан гувоҳ бўлгандан кўра жиноятчи бўлиб ўтирган ҳам маъқулроқ.
— Бу нима деганингиз?
— Бу деганимки, сени ким ёллаган бўлса, ўша йўқ қилишга уриниши мумкин. Сен овсар, довдираб кириб қолган оламда гувоҳлар ҳеч қачон узоқ яшамайди. У оламда ё ўлдиришинг керак, ё ўлишинг керак, аросат деган гап йўқ. Машинани тўхтат!

Сайфи бу гаплардан довдираб қолгани учун, Ҳамдамнинг ўзи рулни бошқарди.
— Ўлик сотиб олганларингни бизга биров айтмади, ўзимиз топдик. Лекин барибир буни ҳам сендан кўришади. Сен учун ҳозир икки йўл бор: биринчиси қамоқ, қамаб қўйсам, жонингни сақлайсан. Иккинчиси, ҳеч ким билмайдиган ерда яшириниб турасан. Қамаб қўя қолайми?
— Йўқ, йўқ,— деди Сайфи дудуқланиб.— Беркинаман.
— Бугуноқ қорангни ўчир. Мен қўрқитаётганим йўқ. Анави ўзинг топиб берган икки кавказликни ўлдириб кетишган. Сенга ҳам ёпишишлари мумкин, деб ўйлаяпман. Сен довдирама, менга тўғрисини айт: сени ким ёллаган эди?

Сайфи жавоб бермади. Қалтираётган бармоқларига қараб ўтираверди.
— Шу қуёнюрак билан бунақа шилта ишларга аралашиб юрибсанми?
— Мен бунақалигини билмовдим.
— Билганингда-чи? Укангнинг ишини тўғрилаш осон эканми? Кимлигини айтасанми ё йўқми? Билиб қўй, ҳозир ҳотамтойлигим тутиб турибди. Ёмонлигим тутиб қолса, онангни Учқўрғондан кўрсатаман.

Ҳамдам шундай деб шартта тормозни босди. Сайфи мункиб, пешонасини олдтокчага уриб олай деди.
— Айтмасанг, бекорга ўлиб кетворасан, бола. Мен овозингни ёзиб олаётганим йўқ, протокол ҳам йўқ. Айтсанг, ўзингга яхши. Хўш?
— Айтаман, майли, нима бўлса, Худодан. Ҳайдар ака билан гаплашганман.
— Ўзининг шунча йигити туриб, нима учун сенга буюрди? Илгари ҳам борди-келди қилармидинг?
— Йўқ. Уч-тўрт ой олдин бир одам келувди таксопаркка. Ўша билан гаплашаётиб, укамнинг ишини айтувдим. «Чиқариб берадиган одам бор, оҳанини тўласанг, бас», деди. Чиқимдан қочмадим, озгина закалат ҳам бердим. У мени Ҳайдар ака билан таништирди. Кейин ўзи йўқ бўлиб кетди. Билсам, ўлдириб кетишибди.
— Жалол Комиловмиди?
— Ҳа, биласизми уни?
— Билганда қандоқ? Уни ҳам ўшанда сен ўлик оборган ўша дарахтга осиб кетишган. Ўша дарахт, чамамда, кимгадир ёқиб қолган. Битта одамни осиб ўлдиришди, битта ўликни осиб ёқишди. Энди кимни осишар экан? Хўп, давом эт-чи? Жалол Комилов пулни олиб ўлиб кетди. Пулга ачиниб юрганингда, Ҳайдар аканг йўқлаб келди. Сен хурсанд бўлиб кетдинг. У эса «фалон жойдан биттагина ўлик олиб чиқиб берасан», дедими?
— Йўқ, ўликлигини билмовдим. «Иккита кавказлик йигитнинг молини олиб бориб берасан, хитлар билиб қолса, тўғрисини айтиб уларни кўрсатасан, сенга тегишмайди», деганиди. Ўликни кўрганим йўқ, ўраб олиб чиқишди. Машинани айтган жойларига ҳайдадим. Бир четда пойлаб турдим.
— Ўликхонадаги одамни танийсанми?
— Танисам керак. Кўтаришиб чиқувди.
— Нега мужмал қиляпсан, «танисам керак», деганинг нимаси?
— Ғира-шира эди, чироқ нурида башарасини яхши кўрмаганман.
— Унда башара бор эканми, қоп-қоронғида кўриб таниса ҳам бўлади.
— Ҳа, сочлари узун эди.

Ҳамдам Сайфини машинада қолдириб, касалхона бош табибининг хонасига кирди-да, ўзини танитгач, воқеани қисқа ҳолда баён қилди. Сўнг ўликхонадаги бадбашарани чақиртирди. Бадбашара Ҳамдамни танигандай бўлди-ю, қаерда кўрганини эслай олмади.
— Мен сендан йигирма саккизинчи куни бир ўлик сотиб олган эдим, эслаяпсанми? — деди Ҳамдам дабдурустдан.

Бу гапни эшитган бадбашара чўчиб бош табибга қаради-да, бошини сарак-сарак қилди.
— Алдаяпти, ўртоқ главврач. Бунақаси бўлмаган,— деди.

Ҳамдам гапни чўзмай бош табибдан яна икки хизматчининг киришини илтимос қилди. Хизматчилар киришгач, уларни бадбашара билан ёнма-ён турғазди-да, Сайфини чақиртирди:
— Йигирма саккизинчи май, кечқурун буларнинг қайси бири ўликни олиб чиқиб берган? — деб сўради расмий равишда.

Сайфи иккиланмай, бадбашарани кўрсатди.

Ҳамдам бу маросимни қоғозда расмийлаштиргач, бош табибдан сўради:
— Нима учун мурда судмедекспертизада эмас, сизнинг ўликхонангизда ётган эди?
— У касалхонага оғир аҳволда келтирилди. Ҳалокатдан сўнг, тўрт кун яшади. Агар ҳалокат бўлиши билан жони узилганда судмедекспертизага юборилар эди, буни ўзингиз биласиз-ку?

Ҳамдам унга жавоб бермай, бадбашарага қаради:
— Бу биз билан кетади. Калит-палитларини олиб қолинг. Жиноятга алоқаси бўлмаса ҳам, ўликхонадаги қилиғи учун осиш керак буни.

Бадбашара бир оз оёқ тиради-ю, Ҳамдам бақириб, гарданига бир мушт ургач, мулла минган эшакдай бўлди-қолди.

Ҳамдам уни ички ишлар бўлимидаги қамоқхонага қамаб, Зоҳидга телефон қилди. Зоҳиднинг телефони жавоб бермади.

3

Зоҳидни ўша кунги ҳамкасби очиқ чеҳра билан қарши олди. У телефонда «тезлик билан учрашишимиз керак», деганидаёқ Зоҳиднинг юрагида чўғланган ғулғулага ҳозирги очиқ чеҳра мой бўлиб сепилиб, аланга олдирди. «Бир дарди бўлмаса, бунчалик мулойим бўлмас», деб ўйлади Зоҳид. У янглишмади. Гапни узоқдан бошлаган ҳамкасби Жамшиднинг ўлими тафсилотига яқинлашгандаёқ, Зоҳид гумони тўғри эканини фаҳмлади.
— Суннатуллаевнинг қотиллари ўлдирилди,— деди ҳамкасби унга синовчан назар ташлаб.
— Аввал ўша мурда Суннатуллаев эканини исботлаш керак,— деди Зоҳид.
— Биз ҳозирча ўша мурда Суннатуллаев, деб ишонгандай бўлаверайлик-чи. Хуллас, қотиллар...
— Қотил деб гумон қилинганлар,— деб тузатди Зоҳид.
— Ҳа, гумон қилинганлар тасодифий ҳолда ўлдирилди.
— Балки атайиндир?
— Тўғри, балки атайиндир. Фақат илтимос, гапнинг белига тепмай, эшитинг. Демак, қотиллар ўлдирилган. Юзаки қаралса, ишни ёпиш ҳам мумкин. Биздаги маълумотларга қараганда, биродарларимиз орасида ишни шу тарзда ёпишни истовчилар ҳам бор. Бу каттамизга ҳам маълум. Биз маслаҳатлашиб, бир қарорга келдик. Майли, шундай бўлишни истовчилар муродларига ета қолсинлар. Биз гўё ишни ёпайлик.
— Бу мумкин эмас,— деди Зоҳид кескин тарзда.
— Гапимни диққат билан эшитинг, мен «гўё» деяпман, а? Ишни ёпайлик-да, кузатайлик, яна нималар қилишаркан?
— Нима қилишарди, эртага яна биттасини, индинга ўнтасини ё осади, ё отади. Биз «гўё» деб ўтираверамиз. Эшакларга ферма йўқ, а? Худди шунга ўхшаб, уларга ҳам қонун йўқ.
— Сиз туппа-тузук жиззаки экансиз. Бизнинг ишимизда бу ёмон иллат ҳисобланади. Бир нарсани аниқ тушуниб олинг: сиз бир киссавурнинг ишини олиб бормаяпсиз. Сиз газитчиларнинг тили билан айтганда, «уюшган жиноятчилар» билан олишмоқчисиз. Тушуняпсизми, улар чиндан ҳам уюшган. Улар битта ё иккита эмас. Сиз-чи? Хўп, ёнингизда яна иккита, боринг, ана уч-тўртта угро инспекторлари бордир. Сизнинг ҳамлангиз улар учун писта чақиб ташлангандай бир гап. Улар айрим идораларга қадар кириб борганларини мендан яхши биласиз. Каттамиз буларнинг ҳаммасини ҳисобга олиб, аниқ режа билан, илдизни қуритар даражада ишлаш керак, деяптилар. Шунинг учун керак жойда ҳийла ишлатамиз. Ишни ёпиш — биринчи ҳийламиз бўлади. Сизга бугун-эрта ишни ёпишни шама қилишса, майли, аввал жиззакилик қилинг. Каттага рапорт ҳам ёзинг. Фақат рапортга рад жавоб берилса, дод деманг. Сизга топширилган бошқа ишни юритаверинг. Лекин бу ишдан бутунлай кўз юммайсиз, зимдан иш юритаверасиз. Кавказликларнинг ўлими бўйича ишни мен юритаман, демак, барча маълумотлар менда тўпланиши керак. Гапимга тўла ишонишингиз учун бир сирни очай: бу масала бошқа идоралар билан ҳам келишилган. Биргаликда ҳаракат қилинади. Масаланинг жиддийлигини энди тушундингизми?

Зоҳид гап оҳангидаги самимиятга ҳам унча ишонқирамади. Бир оз ўйлаб ўтиргач:
— Балки аввалги ишимга қайтганим маъқулдир? — деди.
— Бу фикрни хаёлингиздан чиқариб ташланг. Бир гап айтаман, талтайиб кетманг яна: каттамизнинг сизга меҳри тушган. «Прокуратурани Шариповга ўхшаганлар ҳисобига мустаҳкамлаш керак», деди. Худо билади, балки яқин ўртада ёнма-ён хонада ишлармиз?
— Мен ўйлаб кўришим керак.
— Ўйлаб кўришим керак? Гапларимга ишонқирамаяпсиз шекилли?
— Тўғрисини айтайми? — деди Зоҳид унга тик қараб.— Унча ишонмаяпман.
— Ўтган сафар ҳам кўришганимизда айтган эдим. Бу касалликдан қутулишга ҳаракат қилинг.

Шундай дегач, у Зоҳидни кузатиб қўйди.

Зоҳид ташқарига чиқиб соатига қаради-ю, Ҳамдамнинг гапини эслади. «Мени қидираётгандир», деб изига қайтди-да, навбатчининг телефонидан унга қўнғироқ қилди.
— Қаёқларда санқиб юрибсан, прокурор, тез етиб кел, сенга алламбало совға тайёрлаб қўйдим,— деди Ҳамдам.

Зоҳид аввал ўзи ишлаган депара ички ишлар бўлимига келиб, Ҳамдамнинг алламбало совғаси нима эканини билгач, ўйланиб қолди.
— Ҳа, қилган ишим ёқинқирамадими? — деди Ҳамдам гина оҳангида.
— Ёқишга ёқди... Лекин бу иш... ёпиляпти.
— Нега ёпилади? Чигални энди ечяпмиз-ку? Яна бир ҳаракат қилсак, уларнинг гирибонидан оламиз.
— Шунақа-ку... лекин... Ҳамдам ака, илтимос, сиз ҳозир қистовга олиб сўраманг, мен айтмай.
— Мендан сир яширадиган бўлиб қолдингми?
— Яширмайман. Вақти келганда айтаман, хафа бўлманг,— Зоҳид шундай деб телефон гўшагини кўтариб, ҳамкасбига телефон қилди:
— Шариповман,— деди у.— Йигирма саккизинчи майда ёқилган мурдани сотган одам ушланган. Нима қилайлик?

Ҳамкасби дарров жавоб бермай, ўйланди. Сўнг:
— Қўйиб юборинг,— деб амр этди.— Бошқа ёққа кетиб қолмаслик ҳақида тилхат олингу қўйиб юборинг.
— Қўйиб юборсак, кавказликлар ортидан жўнаб қолмасмикин? Балки жонини сақлаш учун ҳам қамаш керакдир?
— Йўқ, уни кузатиш масаласини ўзимиз ҳал қиламиз.

Зоҳид гўшакни жойига қўйиб, оғир тош кўтариб чарчаган одамдай Ҳамдамга қаради:
— Шунақа гаплар, ака, тилхат олиб қўйиб юборинг. Таксичини ҳам.
— Мен унга қочиб қол, девдим.
— Йўқ, қочмасин. Эҳтиёт чорасини кўришар экан.
— Мен сенга тушунмай қолдим, прокурор? — деди Ҳамдам овозини баландлатиб.

Зоҳид эса унга қараб ҳазин жилмайди-да:
— Ўзим ҳам тушунмай қолдим,— деди.
— Қулоққа лағмон осма, прокурор, сен балога тушунадиган боласан. Бир денгизчидан «аҳвол қанақа?» деб сўрашса, «кайфиятлар аъло, чўкяпмиз» деган экан. Бизнинг аҳволимиз ҳам ўшанақа эмасми?

Зоҳид Ҳамдамга жавоб қайтара олмади.

XXV боб

1

Элчин Зайнабдан хабар олгани нонуштадан сўнг келди. Тўйда кечаси билан хизмат қилгач, пешинга қадар ухлаш одати бор эди. Хотинининг кечаги аҳволи унинг бемалол ухлашига йўл бермади.

Элчин ўзига пешвоз чиқиб, саломлашган қайнонасининг кўзида яширин бир саросимани сезди. «Яна мазаси қочдими, яна касалхонага олиб бориб қўйишдими?» деб ўйлади. Айвонга етар-этмас уйдан Зайнаб чиқиб келгач, «хайрият» деб қўйди. Зайнаб эрига салом бераётганида нигоҳини олиб қочди. Элчин буни ҳам сезди. «Она-болага бир гап бўлган-ми?» деб қўйди. Ичкари кириб дуо қилингач, Манзура чой баҳонасида чиқди.
— Тузукмисиз? — деди Элчин, хотинига тикилиб.

Зайнаб бу қарашга дош беролмади.
— Раҳмат,— деди синиқ овозда. Сўнг нигоҳини кўтармаган ҳолда: — Дадам келгунларича шу ерда туриб турсам майлими, ойим ёлғизлар, — деб сўради.

Элчин Асадбекнинг хасталаниб қолганидан бехабар, «бир-икки кунда келиб қолар», деб рухсат берди. Авваллари Зайнаб бундай илтижо билан сўрамас эди. «Уйга бораман» ёки «ётиб қоламан» деб қарорини маълум қиларди. Шунда Элчин «минг қилса ҳам отасининг қизи-да», деб ғаши келарди. Ҳозир иболи хотин сингари одоб билан ижозат сўрагани учун ҳам осонлик билан кўнди.

Манзура эр-хотин гаплашиб олсин, деган фикрда чойни дамлаб, дарров кира қолмади. Бундан Зайнаб бетоқат бўлди. У онасининг тезроқ киришини, эрининг тезроқ кетишини истаётган эди. Назарида, эри кўзига тикилиб туриб:
— Кеча қаерда эдинг? — деб сўраб қоладигандай эди.

Онаси киравермагач, Зайнаб ўрнидан турди:
— Мен борай энди, — деб Элчин ҳам қўзғолди.

Эр-хотинни айвонда кўриб, Манзура ошхонадан шошилиб чиқди:
— Вой, нимага турдингиз? Ҳозир чой қайнайди. Газ ўлгур аксига олиб пастлаб қолди-я...

Элчин ишини баҳона қилиб хайрлашди.

Зайнаб эрининг тезда қўзғалганидан мамнун бўлиб, ётоғига кириб кетди. Манзура изма-из кирди-да, қизининг юзини силади:
— Эринг бир нима дедими?
— Адам келгунларича туришимга рухсат бердилар. Ҳозир тўйлари кўп, эрталабга яқин келадилар.
— Тўй-пўйини йиғиштирса бўларди. Адангга айтайлик, биронта иш топиб берсин.
— Қўйинг, ойи, билганини қилсин. Бирпас дам олай...

Онаси пешонасидан ўпаётганида Зайнабнинг эти сесканди.

Онаси чиқиб кетгач, юзтубан ётиб олди.

У ярим тунда келиб, онасини қўрқитиб юборган эди. «Куёвингиз тўйдалар, уйда ёлғиз қўрқдим», деб баҳона қилди. Манзура бу баҳонага унчалик ишонмади. Чунки кеч соат ўнларда қўнғироқ қилганида ҳеч ким жавоб бермаган, болохонадаги йигитлардан бирини юборганида у «дарвоза қулф, чироқ ўчган», деб келган эди. Манзура «ер-хотин меҳмонга кетгандир», деб ўйлади-ю, аммо «нима учун менга айтмади?» деб барибир хавотир олди. Қизининг тунда, паришон ҳолда кириб келиши, ундан қандайдир ёқимсиз ҳид таралиши Манзурани ғалати ҳолга солди. Зайнабни қийин-қистовга олишга қўрқди. Бир томондан тоби йўқ, бошқа томондан жаҳл устида яна ўзини бир нима қилиб қўйишидан қўрқди...

Куёви келгандаги нигоҳида бехос зуҳур бўлган ҳавотир учқуни шундан эди.

Зайнаб одамийлик либосини ечиб, ҳайвонлик мартабасига тушган уйдан чиққанида кўчалардаги қатнов ҳали тўхтамаган эди. Шайтон ғолиблигида аввал лаззат топган, сўнгроқ ўз-ўзидан нафратланган бу жувонга кўчалар, наинки кўчалар, олам тор туюлар эди. У овсар ҳолатида кўп кўчаларни кезди. Қаерларда тентираб юрганини ҳозир ҳам фаҳм эта олмайди. Қаёққа боришни, нима қилишни истади — бу ҳам эсида йўқ. Ёдида қолгани — анҳор кўпригидан ўтаётганда «ўзимни ташласам-чи, бира тўла қутулсам-чи», деган ўй хаёлига келди. Назарида, сувдан бир овоз ҳам келди: «Кел, чўмилиб ол, покланиб ол. Поклик дунёси шу ерда, кела қол!» Овозни эшитиб қўрқди. Ўзини қирғоқдан олиб қочди. Ёдида қолгани фақат шу. Уни ажаблантиргани, янада аниқроқ айтсак, ваҳимага солгани шуки, уйга келиб бир озгина мудраганда ҳам, уйғонганида ҳам шу овозни эшитгандай бўлди. Ҳозир, онаси чиқиб кетганидан сўнг ҳам қулоғига шу овоз урилиб, сапчиб туриб кетди.

«Бунақада жинни бўлиб қоламан, — деб ўйлади, икки чаккасини уқалаб. — Нима қилай? Ёлғиз ўтирсам вос-вос бўлишим турган гап. Ким билан гаплашай? Ким кўнглим чигилини ёзади? Мардона... Йўқ, йўқ...».

Зайнабнинг нафаси қайтиб, ҳовлига чиқди.

2

Аввал бир қанот қирқилди, сўнгроқ иккинчиси...

У икки қаноти кесилиб, мушуклар орасида қолган мусича ҳолига тушди. Кечагина у ўзини лочин ҳис этган эди. Душманига човут солмоқни ният қилган эди. Энди билса у бор-йўғи мусича экан... Икки қаноти йўқ мусича...

Дунёдаги ҳамма зўр табиблар йиғилиб «шу одам жинни», деб хулоса чиқарганида ҳам Элчин ишонмас эди. Айниқса жинни бўлиб, ўзини осиши. Элчин дўстидан айрилганига бир куйса, одамларнинг «ақлдан озган эканда, а?» деб ишонганларига ўн куяр эди. У Хонзоданинг «кейинги пайтларда ғалати бўлиб қолувдилар ўзи», деганини эшитиб, бу хотиндан ҳам нафратланиб кетди.

Тушларида Анварни кўриб, алаҳсираб уйғонадиган бўлди. Бир куни мизғиган чоғида Анвар оппоқ либосда кўриниб, маймунбашара одамга қўлини бигиз қилди: «Менинг қотилим шу, устознинг қотили ҳам шу,— деб Элчинга қаради: — Қасос олмайсанми? Ноила учун қасос олмоқчи эдинг. Мен-чи? Арзимайманми?..»

Элчин кўзини очиб, ўйланиб қолди. Кўргани тушими ё ўнги эканини англамади.

Ўша куниёқ у Ҳалимжонни излаб топди. Дафъатан мақсадини айта олмай, гапини узоқдан бошлади:
— Ишлар қандай бўляпти энди? — деди.

Ҳалимжон «буларнинг иши қандай эканини наҳот билмасангиз?» дегандай унга ажабланиб қаради.
— Қанақа қопқонга тушганимни билмай турибман, ака, — деди гарданини қашиб. — Ҳайдар ака деганлари, билмайман, одамми ё ҳўкиз-пўкизми... Гапга тушунмайди. Ҳўкизга «хў-ўш!» десангиз тушунади, бунингиз тушунмайди. Ўзи жимиттаккинаю ҳавоси девдак. Бир хил пайтларда мижиб ташлагим келяпти. Бошқалари ҳам шунақа бўлса, ранжимангу ака, булар минан менинг чатағим йўқ.
— Ҳа, нима бўлди ўзи?
— Мен Асад акага ҳам тўғрисини айтганман. Уриш-ўлдириш менинг касбим эмас. Ҳайдар ака туновинда бир иш топширди. Ака-укаларнинг кимдандир қарзи бор экан. Икковини тутиб келишди. Укага айтилди-ки, уч соатда пул бўлсин, етказиб келмасанг, аканг ўлади. Мен содда, буни пўписа деб ўйлабман. Уч соатда пул келмагач, акани уриб, мижиб қўясан, деб менга буйруқ берди. «Урмайман», дедим. Тўғри-да, уни танимасам, билмасам. Пули йўқдирки, вақтида бермагандир. Йўқ, тушунтира олмадим. Бошқалар уриб кетишди. Мен уни ажратиб олдим.
— Бекор қилибсиз. Улар балки сизнинг ҳимоянгизга арзимас.
— Нега ундай дейсиз? Пул учун ҳам одамни шундай уриш мумкинми?
— Мумкин. Пулнинг қанчалигини билмадингизми? Бу ака-ука кимнидир куйдирган. Буларнинг қўлида пул айланиб туриши керак. Айланмаса «ўлик пул» дейишади. Гаровда миллион сўминг турибди нимаю миллионта мурданинг эгаси бўлдинг нима, фарқи йўқ. Улар орасида «пул жигар қонидан бўлган» деган ақида юради. Пул учун қотил ёллаб, энг яқин одамини ҳам ўлдиртириб юборишдан қайтишмайди. Ўша сиз раҳм қилган ака-ука, бугун қарздан қутулиб, эртага бировни қарз қилиб, худди шу ҳолга солади.
— Барибир ноҳақлик-да, ака?
— Ноҳақликка ноҳақлик. Мен уларни оқлаётганим йўқ. Вазиятни тушунтиряпман. Ҳалимжон, бу кеча ё бугун бошланган иш эмас. Қадимдан шунақа бўлиб келган. Шу маҳаллада инқилобдан олдин Букир қиморвоз деган одам ўтган экан. Қариб, қимордан нари бўлгач, қозилик қила бошлабди. Ким сигирми, отми йўқотса шу одамга арз қиларкан. У топиб бераркан. Сигир эгасидан ҳам топиб бергани учун, ўғридан миршабга топширмагани учун ҳақ оларкан. Ана ўшанинг иши ҳозир сал бошқача кўринишда-да. Сиз ноҳақлик дейсиз. Хўп, унда ҳақ томонга кўчайлик: Кесакполвонни ўлдириш керак, десам, ўлдирасизми?
— Ким?
— Ўша Ҳайдар акангизнинг лақаби Кесакполвон. Унинг маразлигини билиб турибсиз. У ўлдирилса бу ёқдаги қанча жонлар омон қолади.
— У ўлдирилса шериклари бор-ку, ишни давом эттираверишади.
— Улар ҳам бирин-кетин ўлдирилади.

Ҳалимжон ҳуштак чалиб қўйди.
— Бўладиган гап эмас, бу ака.
— Мен сизга бир сирни очишга мажбурман. «Ҳофиз акам булар билан бир қозондан ош ичади», десангиз янглишасиз, ука. Мен ўлганимнинг кунидан улар билан биргаман. Мен уларнинг товоғидан ош ичмайман. Мен илон бўлиб уларнинг бағрига кириб олишим керак эди. Кирдим. Энди битта-битта чақиб ўлдираман. Биламан, бу осон эмас. Менга ёрдам керак. Сизни биринчи марта кўргандаёқ мен шуни хаёл қилдим. Асадбек ёнида юрсангизу, менга лозим пайтда кўмаклашсангиз, биз буларнинг илдизини қуритамиз.

Кутилмаган бу гап чинми ё синаш учун айтиляптими, Ҳалимжон тушунмади.
— Буларнинг қилиб юрган ишидан кўпчилик норози, кўпчилик қўрқади. Лекин кимдир унга қарши чиқиши керак-ку? Сиз ҳалол, адолатпарвар дўстларингиз билан мени таништиринг. Мана, яқинда бир қадрдон дўстим ўзини осди.
— Шуларни дебми?
— Йўқ, бошқа одам мажбур қилган. Ўша одам ўша жиннихонада, ўша ҳожатхонада осилиши керак. Дўстимнинг руҳи шуни талаб қиляпти. Бунинг учун ҳам менга ёрдам керак.
— Ҳофиз ака, ранжиманг, бу гапларингиз менга ёқмаяпти.
— Ҳалимжон, ўйлаб кўринг. Бусиз адолат бўлмайди. Понани пона билан чиқарилади.

Бу ёвузлик уясига тушиб қолиб, ёлғиз қуш ҳолатида юрган Ҳалимжонга Элчиннинг гаплари бошқа бир ёвузлик уясига чорлаш каби туюлди. Элчин унинг ҳолатини тушунгани учун «енг муҳими айтдим, ўйлаб кўради», деб узоқ даъват қилмади.

Ҳалимжон хайрлашиб, қайтаётганида дарвоза бўсағасида Шомилга дуч келди. Иккови аввал бир-бирига таажжуб билан тикилди. Бир нафасдан сўнг таажжуб ўрнини бургут қараш эгаллади. Яхшики, буларнинг хўроз каби патлари йўқ, бўлгандами, дарров ҳурпайтириб олардилар. Шомил Ҳалимжоннинг орқасидан келаётган Элчинни кўриб совуқ тиржайди-да, дарвоза бўсағасидан чекиниб, йўл бўшатди. Ҳалимжон эса заҳарли қарашига ислоҳ киритмаган ҳолда унинг ёнидан ўтиб, машинасига ўтирди. Ўн қадам наридаги «жигули»да бир аёл ўтирганини кўрди, аммо «ким экан у?» деб синчиклаб қарамади.

Ҳалимжон кетгач, Шомилнинг ишораси билан жувон машинадан тушиб Элчин сари кела бошлади. Жувон ғоят гўзал, юриши ҳам ўзига яраша таманноли эди. У Элчинга яқинлашиб, ёш кўнгилларни энтиктириб юбориш қудратига эга бўлган ширин жилмайиш ҳадя этди-да, қўлини узатиб:
— Валя, — деб ўзини таништирди.

Энтикиш ёшидан ўтган бўлса-да, Элчинга бу жононнинг жилмайиши хуш ёқди, оппоқ, момиқ қўлнинг тафти эса вужудига илиқлик берди. Бу илиқликни ўша заҳоти Шомилнинг ёқимсиз овози ҳайдади:
— Хонимнинг зарур иши бор экан сенда, — деди у Элчинга.

Элчин ўзини таништириб, ичкари таклиф этгач, Валя Шомилга қаради-да, «сен машинада ўтира тур, бу ерда машина ўғрилари кўп деб эшитдим», деб остона ҳатлаб ичкари кирди. Валя шу амри билан ўзининг мартабаси баланд экани, Шомилни эса ночор бир қул эканини таъкидлади.

Элчин: «Шомилнинг попугини пасайтириб қўйган бу ойимча ким бўлди?» — деб ажабланди. Валя Элчинни жумбоқлар денгизида сузишига йўл қўймади. Уйга кириб ўтириши билан мақсадга кўчди:
— Мени Зеля юборди.
— Ким? — деди Элчин ўзини тушунмаган қилиб кўрсатиб.
— Зелихан, академик, — деди Валя.
— Ўзи қаерда?
— Ўзи Сочида. Зарур иш билан банд. Келолмади. Бир гапни айтиб юборди: охирги марта тунаган жойда Достоевскийнинг тўртинчи жилди орасида бир варақ қоғоз бор экан. Унда пул қаерга яширилгани айтилган экан.
— Қанақа пул? — деди Элчин юзига овсарлик ниқобини тушуриб.
— Йиғиб қўйган пули бор экан. Шуни топиб, ярмини мендан бериб юборар экансиз.
— Ярми-чи?
— Ярми сизга экан. Нима қилишни ўзингиз билар экансиз. Қаерда тунаганини биларсиз?

Бўлиқ сонига Элчиннинг бот-бот қараб қўяётганини сезган Валя этагини янада юқори кўтариб, оёқларини чалиштириб олди.
— У бир жойда яшамас эди. Ётиб юрадиган бир-икки жойини биламан, вақтим бўлганда қараб қўярман.
— Кутишга фурсат йўқ. Бирга борамиз. Шу бугуноқ.
— Менга ишонмайсизми?
— Сиз-чи? Менга ишоняпсизми?
— Ҳам ишонмаяпман, ҳам ишоняпман, — деди Элчин кулимсираб.
— Сабаб?
— Ишонишимнинг боиси, Зели оға чиройли аёлларни танлашга усталар. Иккинчидан, яқинда менга Сочидан қўнғироқ қилдилар. Ишонмаслигимнинг сабаби — телефонда бу ҳақда ҳеч нима демадилар.
— Бу телефонда айтадиган гап эмас. Кетдикми?
— Ҳозир мен ишга боришим керак. Кутишяпти.
— Ансамблингиз бор экан, а? Мен ҳам санъатга ўлардай қизиқаман. Репетитсиянгизга олиб боринг, зерикмайман, рост.

Элчин «қувгина хонимча эканми?» деб ўйлади-да, унга қараб жилмайиб:
— Марҳамат, юринг, — деди.

Элчин машинани кўчага олиб чиқаётганида Валя Шомилни имлаб чақирди-да, «орқамиздан қолма», деб шипшиди.

Элчин Валянинг мақсадини дарров фаҳмлади. Рўпарадаги кўзгудан қараб, Шомилнинг изма-из келаётганини кўрди. «Зели оға ташлаб кетган бойликнинг чўғини билишади шекилли, — деб ўйлади Элчин. — Ширага ёпишган итпашшага ўхшаб қолишдими, энди булардан осонликча қутулиш мумкинмасдир. Бирон чора ўйлашим керак. Бу хонимча чиндан ҳам Зели оғани билади. Достоевскийнинг тўртинчи жилдини фақат Зели оға айтиши мумкин. Лекин нима учун айтди, нима учун айнан шу хонимчага айтди? Нима учун бу хонимча ғилайни лайчадек эргаштириб юрибди?..»

Валя унинг кўзгу орқали бот-бот қараётганини сезиб:
— Бир нарсадан хавотирдамисиз? — деб сўради. Кейин изоҳ берди: — Орқадаги машинадан қўрқманг. Керакли уйга кириб чиққанимиздан сўнг сизга юк бўлмай олиб кетар, деган мақсадда «изимиздан юр», девдим.
— Валя, сиз менга яхшироқ қаранг, мен қўрқадиган ёшдан ўтганман. Зели оға тарихимни айтиб бермадими?
— Сиз ҳақингизда жуда оз гапирди. Лекин энг муҳим ишни айтиб кетди.
— Айтиб кетди? — Элчин ажабланиб унга қараб олди.
— Айтиб юборди, демоқчиман, — деди Валя хатосини тузатиб. — У сиз ҳақингизда Хонгирейни огоҳлантирди. Энди сиз шахсан Хонгирейнинг ҳимоясидасиз. Ҳеч нарсадан қўрқманг.
— Анави ғилайдан ҳамми? — деди Элчин ҳазил оҳангида.
— Фу, — деди Валя лабини буриб, — у пешка-ку! Қулвачча-ку!.. Ҳа-я, эсимдан чиқибди. Зеля яна бир гапни айтиб юборди. Сизни қизиқтирган одам чиндан ҳам Сочида эди.
— Ким?
— Жамшид, — Валя Жамшид билан танишганини, ғордаги учрашувни қисқача баён қилди.
— Ҳозир ҳам Сочидами?
— Кетган бўлиши ҳам мумкин.
— Қаёққа?
— Балки Москвададир. У энди Хонгирейнинг хизматини қилади.
— Ўзи истадими?
— Унинг истаги кимга керак, Хонгирей истади.
— Ўзи хоҳламаса-чи?
— Унда... ростдан ҳам ўлади.
— Хонгирейнинг одами камми, уни нима қилади?
— Бу, азизим, уларнинг иши. Сиз ҳозир репетитсиянгизга кетяпсизми, демак, шу ишни ўйланг.
— Умуман, яхши таклифни айтдингиз. Бизда оч қорним, тинч қулоғим, деган мақол бор.
— Мақолингиз ёмон эмас, аммо қорин тўқ, қулоқ тинч бўлса, яна яхшироқ.
— Валя, бир нарсани сўрамасам, «бу одам ғирт лақма экан, бир оғиз гапимга ишониб хазинани қўлимга тутқазиб юборди», дейсиз. Мен Зели оғани биламан, қўли очиқ одам. Лекин сизга бунчалик ҳотамтойлик қилганининг боиси нима экан? У билан яқин эдингизми?
— Эр-хотиндан ҳам яқинроқ эдик.
— Тушунмадим?
— Нимасига тушунмайсиз? Сизга ўз хотинингиз яқинми ё ўйнашингизми? Ҳар бир эркак хотинидан қизғанганини ўйнашига ҳеч иккиланмай сарфлайди, ё нотўғрими? Буни сиз яхши биласиз. Санъаткорнинг ўйнаши кўп бўлади.
— Афсуски, мен ўйнаши йўқ санъаткорларданман.
— Ў, шундайми? Бунинг учун чиндан ҳам афсус қилиш керак ва бу хатони тузатиш шарт, — деди Валя кулиб. — Менга ўхшаганларни топиб олинг.
— Сизга ўхшаганлар бу шаҳарда бошқа йўқ бўлса-чи?
— Мен ҳозирча шу шаҳардаман-ку?! — Валя шундай деб кўзларини нозли сузди.

Элчин кўзгуга қараб олди-да, машина тезлигини оширди. Буни сезган Валя «нима гап?» деб хавотирланди.
— Қозоқлар чиройли жувонларни олиб қочиб кетишади. Мен ҳам сизни ғилайдан олиб қочяпман.
— Сиз қозоқ эмассиз-ку?
— Чиройли жувонга етишиш учун қозоқ бўлсам ҳам майлига.

Бир неча чорраҳани кесиб ўтишгач, Шомил бошқараётган машинанинг қораси ўчди. Бу Элчин учун муддаонинг ўзи бўлди. У ғилайни қандай чалғитсам экан, деб турганида жонон қочиримли гапи, нозли қараши билан унга баҳона топиб берди. Валяга эса Шомилнинг кўздан йўқолгани ёқмади. Чунки Ҳосилбойвачча унга Элчиннинг ким эканини айтган, эҳтиёт бўлишни тайинлаган эди. Уларнинг мўлжалича, Зелихон бойликнинг ярмини инъом этдими, демак, ҳаммасига эга чиқиш мумкин, отарчини улушга қўшишнинг ҳожати йўқ.

Ҳосилбойвачча: «Элчин у жойни балки дарров кўрсатмас, балки чалғитишга ҳаракат қилар, майли уринаверсин, биз унинг ҳар бир босган қадамини кузатамиз», деб эди. Биринчи ҳаракатдаёқ кузатувчиси панд еди. «Чиндан ҳам айёрга ўхшайди», деб ўйлади Валя. Лекин ташвишга тушмади. Ўн уч ёшидан бери Хонгирейнинг тарбиясида бўлган бу жувон бири иккинчисига ўхшамаган ҳийла-найрангларни кўравериб, кўзи пишиб кетган. У Элчинни дастлаб кўрганидаёқ «буни мушук боладай ўйнатаман», деб қўйган эди, ҳозир унинг ҳаракатини кузата туриб, «барибир ўйнатаман» деб аҳдини қатъийлаштирди.

Валя Элчиннинг сонига шапатилади:
— Секинроқ ҳайда, ғилай сенга ёқмаса шундай ҳам орқасига қайтариб юбораман, — деди.
— Буйруқ билан қайтаришнинг қизиғи йўқ, олиб қочишнинг мазаси бошқа, — деди Элчин, ўзини гўлликка солиб. — Валя, репетитсияга бормайман. Сени ҳозир Зели оғани кузатиб қўйган уйга олиб бораман. Еттинчи қават, ўнгдаги биринчи эшик. Сенинг адашинг, Валентина Михайловна. Кирасан, айтасан, ўша китобни ўзинг оласан. Кейин, рози бўлсанг, ресторанда отамлашамиз.
— Яхши. Аммо уйга бирга кирамиз. Алдаб кетасан, деган гумонда эмасман. Ўша нарса иккаламизга тегишлими, демак, бирга кириб, бирга оламиз.

Еттинчи қават, ўнгдаги жигарранг чарм қопланган эшикни ёши элликларда бўлган, аммо малоҳатини сақлаб қололган аёл очиб, Элчинни очиқ чеҳра билан қарши олди.
— Бу Валя, Зели оғанинг хотини, — деди Элчин, «ўйнаши» дейишни эп кўрмай.
— Хотини эмасман, нега ёлғон айтасан? — деди Валя. — Ўйнашиман. Ўйнаш хотиндан ҳам яқинроқ бўлади, шундай эмасми, Валентина Михайловна.
— Тўғри, — деди уй бекаси кулиб, — Зелянинг уйланганига барибир ишонмас эдим. У уйланиб, оёқ-қўлларини боғлайдиган эркаклардан эмас. Ўйнаш эканингизга ишонаман. Чунки Зелянинг диди зўр. Унча-мунча жувонни ўйнаш тутмайди.
— Валентина Михайловна, сизда Достоевскийнинг китоблари борми? — деб сўради Элчин.
— Бор. Тўлиқ асарлар тўплами бор. Нима эди?
— Тўртинчи жилдда менга аталган бир хат бор экан, кўзингиз тушмадими?
— Савол қизиқ, мен китоб ўқийманми? Муқоваси чиройли бўлгани учун жавонга териб қўйганман. Кир, қарай қол.

Тўртинчи жилдда дарҳақиқат мактуб бор эди. Элчин қоғозни олиб, Валяга узатди. Валя хатга кўз югуртир- ди-ю, ранги бўзариб, уни яна Элчинга қайтарди-да:
— Қайси тилда ёзган ўзи? — деб минғирлади.

Элчин хатни ўқиб, Валяга нигоҳини ўқдек қадади:
— Зели оғага нима бўлди? — деб сўради совуқ оҳангда.

Валя унга жавоб бермай, хатни олиб сумкасига солди-да:
— Раҳмат, Валентина Михайловна, биз шошиб турибмиз, — деб эшик томон юрди.

Унинг тез-тез юришидан, гапиргиси келмай қолганидан, машина эшигини қарсиллатиб ёпишидан Элчин билдики, ҳаяжонланяпти. Элчин арқонни узунроқ ташлашга аҳд қилиб, машина моторини ўт олдирди-да «қаёққа?» дегандай Валяга қаради.
— Ҳосилникига ҳайда, — деди Валя амр оҳангида.

Бир неча дақиқа бурун кўзлари нозли сузилиб, ўйнашликка рози бўлаёзган хоним энди бекалик мартабасига чиқиб олди. Элчин ҳам унга сўзсиз бўйсунди.
— Нима ёзганини сўрамадинг? — деди Элчин бир оз юришгач.
— Ҳосил таржима қилиб беради.
— Ҳосилникига боргунча хатнинг мазмуни ўзгариб қолмайди. Унда хазина ҳақида гап йўқ.
— Нега? — Валя унга ҳайрат билан тикилди. — Нимани ёзибди?
— Сен аввал Зели оғага нима бўлганини айт.
— Айтсам, айтмасам у энди йўқ, билдингми?
— Нима бўлди?
— Менинг билганим шуки, у Москва юритаётган бир сиёсатга аралашиб қолган. Бу соҳада бирон нимани билиб қолган кимсанинг тирик юриши мумкин эмас.
— Ўлдиришдими? Қаерда? Сочидами?
— Билишимча, ўзининг қишлоғида.
— Қизиқ... у қишлоғига кетган эди. Менга Сочидан қўнғироқ қилди. Сочига нима учун борди, сени кўрганими? Кейин яна қишлоғига қайтдими?
— Менинг билганим шуки, Сочига уни Хонгирей олдириб келди. Қутқариб қолмоқчи эди, эплай олмади. Бу масалани чуқурлаштирма, қанча тез унутсанг, ўзингга шунча яхши. Хатда нима дебди? Унга бир нима бўлганини қайдан пайқадинг?
— «Узоқроқ сафарга қайтмас бўлиб кетсам...» деб ёзибди.
— Кейин-чи?
— Бўйиндаги қарзни сен тўлаб қўй, дебди.
— Қанақа қарз?
— Фарғонада бир турк қадрдони бор эди. Уйлари ёниб кетган экан. Шунинг ўрнига масжид қурдир, дебди.
— Масжид? — Валя сумкасидан сигарет чиқариб лабига қистирди-да, тутатди. — Эси паст эди Зелянинг, эси пастлиги учун ўлиб кетди.
— Унинг ўлганини ўзинг кўрдингми?
— Йўқ... Менинг уйимдан олиб кетишди. Ўлганига ишонмаяпсанми? Ишонавер. Уларнинг чангалидан чивин ҳам қутулиб чиқолмайди.

Элчин Ҳосилнинг маҳалласига етганда чап қолиб, атайин ўнг томонга бурилди. Валя буни кўриб:
— Чапга юрмайсанми? — деди.

Элчинга шу гап керак эди — Валянинг бу ерда аввал ҳам бўлганини аниқлади.

Дарвоза остонасида уларни Шомил қаршилади. У ғилай кўзларини Элчинга хунук тарзда қадади.
— Ҳосил уйдами? — деди Валя ҳовлига кириб.
— Ҳа, — деди Шомил, — ичкарида.

Валя Элчинга қараб «кутиб тур», деди-да, уй томон юрди. Элчин турган жойида қотиб тураверди. Шу топда, кутилмаганда хаёлига бир фикр келди: «Зели оғани шуларнинг ўзи гум қилмадими? — деб ўйлади у. — Буларга фақат пул керакми? Ҳосилбойвачча шу пулга муҳтожми?»

Зелихон хайрлашаётган пайтда, қайтиб келмас бўлиб кетаётганини сезганми, семиз дипломатни Элчиннинг қўлига тутқазиб: «Бунинг ичида озгина пул, тилла, жавоҳир бор. Қайтиб келмасам, мен айтгандай ишлатасан. Нима қилишингни бир хатга ёзганман. Хатни Валентинаникига қўйганман. Қаердалигини сенга алоҳида маълум қиламан. Ишонмаяпти, деб ўйлама. Шу хатни ўқиб, нима бўлганимни, нима қилиш кераклигини биласан», деган эди. Кейин «бу дипломат сен учун бомбадай гап, бунинг хушторлари кўп. Ўн йилдан бери қидиришади. Ўзинг ҳам эҳтиёт бўл, буни ҳам эҳтиёт қил», деб тайинлаган эди. Хазина Элчиннинг ихтиёрида, хат мазмунидан хабардор. Унга фақат буларнинг асл мақсадлари қоронғу.

«Зели оға айтган хушторлардан бири шуларми? Ўлим олдида буларни чалғитдими? Ўлим олдида? Мени булар лақиллатмаяптими? Унда хат-чи? Хат сўнгги чора эдими у учун?»

Элчин Зелихоннинг Федяни лақиллата олгани, унинг марҳамати билан кетар чоғида тўшак баҳона, Валянинг ётоғига кирганидан, маишат ўрнига Валяга гап тайинлаганидан бехабар эди. Валянинг Москвага учгани, Хонгирей билан учрашгани, Элчинни ҳимоясига, Жамшидни эса хизматига олиш ҳақидаги Зелихоннинг илтимосини етказгани ҳам у учун қоронғи эди. Зелихон эртами-кечми Жамшид қайтса, Элчин уни гумдон қилишга уриниб, ўзи ҳам ҳалок бўлиши мумкин, деган хавотирда шу илтимосни Хонгирейга етказган эди.

Зелихоннинг ўлимга бораётиб ҳам биродарининг бехавотирлигини ўйлаши Элчинга номаълум эди. Маълум бўлгандами, бу айрилиққа чидаши ниҳоят даражада оғир бўларди...

Бир оздан сўнг Ҳосилбойвачча эшик остонасида кўриниб, Шомилни чақирди-да, унга нимадир деб пичирлади. Шомил Элчин томон қараб олгач, тез-тез юриб кўчага чиқди. Элчин бир фитна бошланганини сезса ҳам, жойида тек тураверди. Ҳосилбойвачча келиб кўришармикин, деган мақсадда остонада пича турди. Элчин унинг мақсадини сезмагандай, бош ирғаб бўлса-да, саломлашмади.

Ҳосилбойвачча заҳарли илжайиб, у томон юрди.
— Келинг, Ҳофиз ака, қандай шамол учирди? — деди пичинг билан.

Элчин «Сочининг шамоли» демоқчи эди, Валянинг «Сиз энди Хонгирейнинг ҳимоясидаги одамсиз», деган гапини эслаб:
— Хонгирейнинг шамоли, — деб, у ҳам заҳарли илжайди.

Валя ҳам уйдан чиққач, учовлари шийпон томон юрдилар.
— Ҳофиз ака, бир суҳбатингизни олайлик, жа соғинтириб юбордингиз.

Элчин бу заҳарли жилмайиш, бу сохта мулозамат ортида қандайдир шумлик борлигини билса-да, ўзини ҳеч нима билмагандай эркин тутди.
— Хўш, Ҳофиз ака, тўйлар қалай, бўлиб турибдими? — деди Ҳосилбойвачча ястаниб ўтириб. — Чўтални энди кимга беряпсиз? Бек акамгами?
— Бек акангиз чўтал оладиган гадолар тоифасидан эмаслар. Шуни билмасмидингиз? Мен ҳам чўтал берадиган овсар эмасман. Оғзидаги луқмасини олдирадиган лақмалар бошқалар.

Элчин «чўтал оладиган гадолар» деганда энг аввал Ҳосилбойваччани назарда тутиб, ўз кўнглида уни тузлаган эди. Ҳосилбойвачча ўзига қарата ҳақорат тоши отилганини билди. Билди-ю, сир бой бермай масхараомуз кулди:
— Катта кетманг, Ҳофиз ака, бузоқнинг югургани сомонхонагача.

Элчин «бир марта тузлаганим етади, тўнғиз билан олишишдан фойда йўқ», деган фикрда бу заҳарли гапга жавоб қайтармади.

Икки соат давомида майда-бачкана гаплар билан банд бўлдилар. Шомил ҳовлига кириб узоқдан «йўқ» маъносида бош чайқагач, Ҳосилбойвачча тиззасига шапатилаб уриб, ўрнидан турди:
— Раҳмат, Ҳофиз ака, би-ир мириқдик суҳбатингиздан. Шунақа келиб туринг... Отамлашиш яхши нарса-да, а?

Валя хайрлашиш учун қўл узатмай, совуққина бош ирғаб қўйди.
— Акангиз буни туфламай ёпиштирибди, шунга хафа, — деди Ҳосилбойвачча.
— Қайтишга йўлкираси бўлмаса берайми? — деди Элчин пичинг билан.
— Ўпкангизни сал босиброқ юринг, Ҳофиз ака.

Элчин «бу кунларингдан ўлганларинг яхши» деб ўйлаб кўчага чиқди-да, машинасига ўтирди. Шомилнинг нима сабабдан йўқ бўлганини уйига қайтгач билди: уйи ёв босган дала ҳолига келтирилган эди. Ғилай ҳеч нарсадан тап тортмай уйни алғов-далғов қилиб, Зелихоннинг хазинасини қидирган эди.

Элчин шундан сўнг Валяни бошқа кўрмади. Лекин Ҳосилбойваччанинг йигитлари кузатиб юрганини сезди. Шу сабабли Фарғонага бориш, масжид қуриш ишини кейинроққа сурди.

XXVI боб

1

Хаста Асадбек учун Краснояр сафарининг ўзи етарли эди. Жисмини эзаётган оғриққа чидади, сабр этди, лекин руҳ азобига дош бериши оғир кечди. Отаси билан ғойибона учрашувининг ўзиёқ юраги учун оғир юк эди. Ана шу юк билан уйга қайтаман, деб турганида янги сафар ташвиши кўндаланг бўлди. Ўғилларини уйлантириш масаласи фикрини банд этса-да, уни яхши маънодаги ташвишлар сирасига қўшиш мумкин. Бироқ Хонгирей билан учрашув... Ҳосилбойваччанинг Хонгирей орқали тазйиқ ўтказмоқчи бўлиши... Асадбек бу йигитнинг қачондир чанг солишини биларди. Лекин бошқа бировнинг тирноқлари билан чанг солиши мумкинлигини ўйлаб кўрмаган эди. Кесакполвонга: «Ҳосил ҳаддидан ошган куни бир чертсам, чиққан жойига кириб кетади», деб янглишганини энди англади. Ҳосилбойвачча билан олишув ойлари, кунлари яқинлашганини ҳам фаҳмлади. Бу ҳақиқатни кечроқ тушуниб етганини ҳам билиб «нега ғафлатда қолдим?» деб эзилди.

Хонгирейнинг чиқиб кетаётиб, эшик остонасида айтган гапи Асадбекни ҳам, Чувриндини ҳам узоқ ўйга ботирди. «Бир йигитинг энди менинг хизматимни қилади. Уни қидирма, у сен учун ўлган», деган гап Асадбек учун муаммо бўлиб қолаверди. Чувриндига эса чигалнинг бир учи кўринди. У ўша куниёқ Сочига, Жамшид яшаётган уйга қўнғироқ қилди. Уй бекаси Жамшидни икки йигит келиб олиб кетганини айтди. Чувринди Жамшидни Хонгирейнинг йигитлари олиб кетганини тушунди. Лекин унга бир нарса қоронғи эди: Хонгирей Жамшиднинг изига қандай тушди?

... Асадбек кутиб олгани чиққан Кесакполвонга қараб «ески шаҳарга бораман», деди. Унинг хоҳиши Кесакполвонга ғалати туюлса-да, амрига итоат этди.

Асадбек болалиги ўтган уйга қадам босганида ўпкаси тўлиб, йиғлагиси келди. Бўғзи фарёд тўлқинларига тўғон бўлса-да, киприклари ёш дарёсини тўса олмади. Чувринди унинг ҳолатини билиб, Кесакполвонни тўхтатди. Икки аъён ҳовлида қолди.

Асадбекнинг хаёлида онаси уйда ўтиргандек, «болам, адангни кўриб келдингми?» деяётгандек эди. Ичкари уйда Самандар хаста овози билан «Самалўт, қанотийни пастлаб ўт...» дегандай бўлди... Асадбек курсига даҳанини тираб, анчагача ўтирди. Кўзларидан ёш қуюлаверди. Бўғзини ҳатлаб ўтолмаётган фарёд юрагини эзаверди.

У қанча ўтирганини билмайди, ёш дарёси қуриб, фарёд пинакка кетганида Чувриндини чақирди:
— Маҳмуд!

Йиғи аралаш, титраб чиққан бу овозни эшитиб, иккала аъён ҳам шошилиб ичкари кирдилар.
— Маҳмуд, сен маҳаллага чиқиб, Соли отани топ. Эллигинчи йилда бир почтачи бўларди. Ўшани бошлаб келсинлар. Ҳа, чап қулоғини ўқ олиб кетган почтачи дегин.

Чувринди кўчага чиқиб кетгач, Кесакполвон «мен уйда қолаверайми ё чиқайми?» деган маънода қаради. Хаёли ота-онаси билан банд бўлгани учун Асадбек унга эътибор ҳам бермади. Красноярдаги учрашувда отасининг уйдан мактубни орзиқиб кутганини эшитгандаёқ чап қулоғи йўқ одам билан гаплашиб қўйишни ният қилган эди. Асадбек унинг исмини билмасди. Ёдида қолгани — онаси деярли ҳар куни унинг йўлини пойларди. Кўчада кўриниши билан Асадбекни чақирарди. «Болам, хатчи амакинг келяптилар, югура қол, «адамлардан хат борми?» деб сўрагин. Аввал салом бер, хўпми?» дерди.

Асадбек ҳар сафар унга пешвоз чиқиб «ассалому алайкум» дерди. У эса қовоқ уюб қараб қўярди, алик олмасди. Асадбек онасига «хатчи амаки саломимга алик олмаяпти, энди салом бермайман» деганида, онаси «алик олмаса гуноҳи ўзига, сен салом беравер», деб ялинган эди. Бир куни хатчи салом берган Асадбекнинг қулоғини буради:
— Ҳой, душман боласи, — деди ўдағайлаб, — сен нега менга Худони гапирасан?

Асадбек тушунмади:
— Қачон гапирдим? — деди йиғламсираб.
— «Ассалому алайкум» дейсанми? Бу нима дегани, биласанми? Худодан соғлиқ сўрайман, дегани. Мен сенинг худо-пудойингга ишонмайман, билдингми! Мен атеистман! Мен боевой коммунистман! Иккинчи шунақа десанг, тилингни суғуриб оламан. Хат ҳам сўрама. Мен душман хатини ташийдиган аҳмоқ эмасман!

Асадбек онасига буларни айтмади. Онаси йўлга чиқарганда итоат этаверди, аммо хатчига салом ҳам бермади, «адамлардан хат борми?» деб ҳам сўрамади. Ўша дамларда у «нима учун ойимнинг ўзлари сўрамайдилар», деб кўп ўйларди. Саволига жавобни кейинроқ, улғайгач топди. «Хатчи ойимга сасиган бўлса, сўрашга чўчиб қолган эканлар-да», деган ажримга келди.

Чувринди кўп ўтмай Соли ота билан хатчини бошлаб кирди. Асадбек ўрнидан туриб Соли ота билан кўришди. Хатчининг узатилган қўли муаллақ қолди. Асадбек унга ўтли назарини қадади:
— Мени танийсизми? — деди қаҳр билан.
— Танийман, Бекжон ўғлим, адангиз билан фронтовой ўртоқ эдик.

Тилёғламалик билан айтилган бу гапдан Асадбек портлади:
— Фронтовой ўртоқмидинг ҳали сен?! Адамнинг хатларини нима қилардинг, хунаса?!

Асадбекнинг важоҳатидан чўчиган Соли ота «яна уриб қолмасин», деган хавотирда ўртага тушди.
— Асаджон, болам ўзингни тут. Бу бечорани касал ётган жойидан турғизиб олиб келдим.
— Бунақа тўнғизни ажал ҳам олмайди, — деди Асадбек. — Уруғи билан қуритиб йўқ қилиш керак.

Асадбек бу гапни ғазаб оловида айтиб юборган, хатчидан, унинг оиласидан қасос олиш ёки жазолаш нияти йўқ эди. Хатчи эса бу гапни қатъий ҳукм ўрнида қабул қилиб талвасага тушди:
— Менда айб йўқ, — деди у йиғламсираб. — Менга буюришган.
— Ким?
— Домком.
— Ким у?
— У одам раҳматли бўлиб кетган, — деди Соли ота.
— Хатларни нима қилгансан?
— Ёқардик. Бир ўзим эмас, домком билан...
— Маҳмуд, йўқот буни, турқи қурсин.

Хатчи юкдан бўшаган қопдай, шалвираб тиз чўкди:
— Ўлдирманг мени, — деди йиғламсираб.
— Йўқол-э, — деди Асадбек бир қадам тисланиб.— Ўзи ўлолмай юрибсану сени ўлдириб нима барака топдим. Йўқол, деяпман! Маҳмуд, уйига олиб бориб қўй, йўлда ўлиб қолмасин. Соли ота, сизни ҳам олиб бориб қўяди. Красноярга бориб, адамларнинг қабрларини топдим. Кейинроқ хотиржам гапириб берарман.

Улар чиқиб кетишгач, Асадбек яна жағини курсига тираб ўтириб олди. Бир оздан сўнг қаттиқ йўтал тутиб, силласини қуритди.

...Асадбек Кесакполвоннинг қистови билан уйига кетди. Унинг нияти тунни болалиги ўтган уйда ўтказиш эди. Бедарднинг олдида бошимни оғритма, деганларидай, Кесакполвон дўстининг дардига шерик бўла олмас эди. Гарчи умр деб аталмиш йўлда бир аравада бораётган бўлсалар-да, уларнинг юракларидаги дард бошқа-бошқа эди.

Манзура эрига бир қарашдаёқ аҳволини сезди. Асадбекнинг озиб, юзлари заъфарон тус ола бошлаганини унинг зийрак нигоҳи илғади. Асадбек меҳмонхонада, ўзи ошхонада бўлса ҳам эрининг йўталини эшитиб юраги эзилди. Меҳмонларнинг тезроқ қайтишини истади. Йўқлаб келувчиларнинг жилиш ниятлари йўқлигини фаҳмлаб, Чувриндини имлаб чақирди:
— Акангиз чарчаганга ўхшайдилар?

Чувринди унинг мақсадини англади.
— Ҳозир ими-жимида бир нима деб қўяман.

Чувриндининг «ими-жимида» гапидан сўнг меҳмонлар қўзғолишди. Бир оз фурсат ўтиб Кесакполвон билан Чувринди ҳам кетишгач, Манзура идиш-товоқни қизига топшириб, ўзи меҳмонхонага кирди.

Диванда ёнбошлаб ётган Асадбек ўрнидан қўзғолмади.
— Жойингизни қилиб берайми? — деб сўради Манзура.
— Ўтир, — деди Асадбек. — Нима қарорга келдинг?
— Билмасам... Сиз нима десангиз шу.
— Унда тайёргарлигингни кўр.
— Қизлари... — Манзура «қанақа экан?» деб сўрамоқчи эди, Асадбек гапиртирмади.
— Қизлари ўғилларингга ёқибди. Совчи бўлган киши қизлар европача эмас, мусулмонча тарбия кўрган, деди. Сен аввал бор, кўр, ёқса келин қил, ёқмаса йўқ. Мен ўғилларингни ўша ерда ўқиб, ўша ерда ишлашини хоҳлаяпман.
— Биз-чи?
— Биз... нима, уч-тўрт йилга чидай олмайсанми? Иш ўрганиб, ўзларини тутиб олишгач, келишади.
— Бутунлай қолишмайдими, ишқилиб?
— Калланг борми? Бутунлай қоладиганлар бошқа, болаларимиз бошқа. Хуллас, овоза қилмай, тайёрланавер.
— Зайнаб-чи?
— Уни кейинроқ юборамиз.
— Куёвингиз...
— Нима бўлди яна?
— Ҳеч нима бўлмади, ўзи айтаман-да...
— Чайналма.
— Тўйларда юриб... қизингиз ёлғиз қоляпти-да. Тўй-пўйни йиғиштирса бўлмасмикин? Бошқа иш топиб берасизмикин, девдим.

Зайнаб касалхонада эканида Асадбек ҳам буни ўйлаган, аммо аниқ бир қарорга келмаган эди. Хотини қўрқибгина айтган гап маъқул тушган бўлса-да, сир бой бермай:
— Сен аралашма бунга,— деб қўйди.

Кечаси Асадбекнинг курагида яна оғриқ қўзғолди. Хотинининг хавотирли кўзига қараб: «Шамоллаш тарқамаяпти», деб изоҳ берди. Курагига иситгич қўйгач, жони ором олиб, уйқуга кетди. Эрталаб уйғонганида оғриқ ҳам бош кўтарди. «Уйда ўтирсам баттар бўлади», деб Чувринди келиши билан шаҳар марказидаги қароргоҳ томон юрди.

Асадбек кечқурун хайрлашар маҳалида Кесакполвонга Қилич Сулаймоновни топишни тайинлаган эди. Кесакполвон буйруқни бажариб, уч қаватли иморат ертўласида Асадбекни кутиб олди.
— Турма ёқибди сенга,— деди Асадбек, Қилич Сулаймонов билан кўришиб.— Одамбашара бўлиб қолибсан.
— Акахон, айбимга ярашаси бўлди, гап йўқ,— деди Қилич Сулаймонов бош эгиб.
— Айбингни билганинг яхши, дўзахдан сени ким олиб чиқди, буни биласанми?

Қилич Сулаймонов дарров жавоб бермади. Шомил: «Ишингни Ҳосилбойвачча тўғрилади», девди. Неча ой ётган бўлса, Ғилай хабар олиб турди. Асадбек буни биладими ё йўқми, Қилич Сулаймоновга қоронғи. Билиб сўраяптими ё пичинг қиляптими, буни ҳам фарқлай олмади. Энг яхши жавоб сукут деб билиб, бошини эгганича тураверди.
— Маҳмуд, бунга тушунтириб қўй. Хўш, заводда ишлаяпсанми?
— Ишлаяпман, раҳмат.
— Амалинг директорлик бўлмаса ҳам ишни ўзинг юритасан. Олимчадан қўрқма. Красноярга тсистерналарда вино юбориш керак. Бехит қилиш қўлингдан келадими?
— Келишга келади-ю...
— Чайналма.
— Олим болангиз... Баъзи қоғозларга унинг қўли керак.
— Қўл қўяди. Шу бугун ишга кириш. Олимчадан ростдан ҳам қўрқаётган бўлсанг, у яқин кунларда Португалияга кетади. Маҳмуд, иши тўғри бўляптими?
— Ҳа, бугун ўзим шуғулланаман. Фақат... эшитишимча, қуруғини тортишдан қайтмабди.
— Қайтмаса ҳам жўнат. Бир-икки ой юрсин. Қилич, биринчи тсистернани унинг қўли билан чиқарасан. Ишкал бўлса, ғалвадан йироқда тураверасан. Билиб қўй: сен менинг одамимсан. Мен сени олимчага алмаштирганим йўқ. У ҳам керак менга, лекин сен бошқасан. Сени хоинлигинг учун жазоладим. Бизнинг орамизда хоинга фақат битта жазо бериларди. Сени аядик. Шунга яраша қадам бос энди.

Қилич Сулаймонов подшо ҳузуридаги мулозим сингари таъзим қилиб чиқди. Шундан сўнг Асадбек ўйга толиб, анчагача жим ўтирди. Иккала аъён ҳам унинг муҳим гапи борлигини англаб, сўз бошлашини кутишди. Ўшанда Хонгирейнинг хонага кириб, амрини баён этиши, ҳеч бир қаршиликсиз, ҳатто эътирозсиз чиқиб кетиши Асадбекнинг ожизлигини билдириб турарди. Тўғри, Хонгирейга бас келиб бўлмайди. Аммо Асадбек кимнинг олдида бўлсин, ожиз эканини билдиришни истамас эди. Айтмай деса, бу мадда боғлаган яра, эрта-индин ёрилиб, йиринг оқиб, ҳаммаёқни булғайди. Айтай деса, тил қурғур тиш ҳатлашни истамайди. Сукутни узоқ чўзиши мумкин эмаслигини фаҳмлаган Асадбек ниҳоят тилга кирди:
— Ҳосил ҳаддидан ошяпти,— деди Кесакполвонга қараб.
— Қиличга эга чиқмоқчими?
— У энди Қилични бошига урадими. Бу хунасанинг иштаҳаси бошқачароқ. Козловга осиляпти. Хонгирей билан тиллашиб қолган, шунга ҳайронман.
— Вой итвачча! — деди Кесакполвон.— Вой турқингга урай!..
— Вой-войламай тур,— деди Асадбек жеркиб.— Хўп, дейлик, биз Козлов билан олди-сотди қилмадик. Кейин нима бўлади? Шу билан тўядими?
— Тўймайди,— деди Чувринди.— У гўрда ҳам тўймайди. Мен ўзимча бир фикр қилдим. Ҳосилнинг асл мўлжали винзавод эмасмикин?
— Менинг фикрим ҳам шундай,— деди Асадбек.
— Винзавод керак бўлса, Козловга осилиб нима қилади? — деди Кесакполвон.
— Вей, сен қаеринг билан ўйлайсан, ўзи! — деб аччиқланди Асадбек.— Козлов билан асосий ишимиз нимада, винодами? Қиличга нима учун ёпишди.
— Чақир уни. Очиғини айтсин. У-бу деса тинчитиб юборамиз.
— Тинчитиш осонмас,— деди Чувринди.
— Осонмас...— деди Асадбек.— Лекин тинчитиш шарт! Бошқа йўл йўқ. Фақат... исини чиқармай тинчитиш чорасини топиш керак. Ҳозирча арқонни узунроқ ташлайлик-чи. Бир-икки тсистерна юборганимиздан кейин ўзи ҳам ғимирлаб қолар. Ўшанда шартта бўғамиз. Мен уни чақирмайман, ўзи келсин...

2

Осмонни бало булут қоплаган, тепасидан қайғу ёмғири томчилаб, ҳовлисида ташвиш алафлари кўкара бошлаган одам дардини кимга айтсин? Асадбек кейинги ҳафталар ичи ана шу ҳолга тушди. У баъзан ўзини қоронғу жарлик ичида ҳис этар, бу жарликда абадул-абад қолиб кетадигандай ваҳима босарди. Бироқ у ваҳима қули бўлиб қолмади. Бу жарликдан чиқишга ўзида куч топди. Дарди оддий шамоллашмаслигини билганида, бир чўкай деди-ю, қаддини ростлаб олди. У таниш табибга учрашиб ҳақиқатни айтишини талаб қилди. Асадбекка бундай бедаво хасталик билан узоқ яшаш мумкин эмаслиги аён эди. Айни чоқда, ўлимидан сўнг хонадонида ҳаёт давом этажагини ҳам яхши англар, ўзидан сўнг кечажак бу ҳаётнинг мунаввар бўлмоғини истарди. Мисқоллаб йиққанини ботмонлаб совурилишига йўл қўя олмасди. Ҳақиқатни билгач, эндиги ҳисобли кунларида нима қилиши лозимлигини ўйлай бошлади. Биринчи галда, Манзурани ўғиллари ёнига жўнатишни тезлатиши керак эди. Хуфтондан сўнг у Чувриндини чақиртирди.

Чувринди дарров етиб келди. Асадбек меҳмонхонада эди. Кузнинг салқини таъсир этиб, уй деразаларини ҳам ёпиб олганди. Чувриндини Манзура қаршилаб, паст овозда:
— Маҳмуджон, акангизни тузукроқ дўхтурга кўрсатинг. Балғам ташлашлари яхши бўлмаяпти-да,— деди.

Чувринди:
— Кўрсатяпмиз, Худо хоҳласа, тузалиб кетадилар,— деб меҳмонхона сари юрди.

Ичкари кириб, Асадбекнинг қаршисига ўтирди. Асадбек унга синов назари билан тикилиб қолди.
— Маҳмуд, Красноярда мазам қочганида билганмидинг буни?

Чувринди жавоб бермай, кўзини олиб қочди.
— Яширма. Сен билибсан, бошқалар билмасин.
— Дўхтурлар гапираверади. Касалхонада ётиб даволаниш керак.
— Йўқ. Касалхонага ётсам, дунёга овоза бўлди, деган гап. Тўғри айтасан, балки унақа касалмасдир, Худо билади. Лекин юракда ғулғула бор. Шунинг учун баъзи омонат гапларни айтиб қўйишим керак сенга.
— Ёмон нафас қилманг.
— Гапларимни эшит: сен менга бегона эмассан, укамсан. Ўғилларим-жиянларинг. Уларнинг ўқиши чала қолмаслиги керак. Кеннойингни тезроқ жўнат.
— Сиз-чи?
— Мени қўя тур. Тиллани кўпайтир. Кеннойинг белни бақувват қилиб борсин. Агар менга бир гап бўлса, хабар бермайсан, ўша ёқда узоқроқ тураверсин. Мен сенга ишонаман, лекин Ҳайдар акангдан хавотирдаман. У хомкалла қовун тушириб қўйиши мумкин. Ўзи ўзига хон бўлса, ё қамалиб кетади, ё итдай ўлим топади. У аҳмоқ сенинг гапингга кирмайди, сен уни бошқара олмайсан, биламан. Иккаланг икки қўчқор бўлиб сузишсанг — тамом!

Асадбек унга тикилиб олиб гапирар, Чувринди эса бошини эгиб жимгина тингларди. Москвада эканида, тиббий хулосаларни йиртиб ташлаганида юрагида умид бор эди. Бу ердаги табибларнинг гаплари ҳам ўша хулосага мос келгач, юрагига ваҳима оралади. Уни ҳақиқатдан хабар топган Асадбекнинг ҳолати ташвишга соларди. Асадбекнинг ўзини бу қадар дадил тутишини ўйламаганди. Иккинчи катта ташвиши Асадбекдан сўнг Кесакполвон билан бўлажак можаролар эди.

Асадбек айтадиганини айтиб бўлгач, Чувриндини гапиртирмади. «Уйингга бориб, дамингни ол», деб рухсат берди.

Чувринди кетиши билан Манзура кирди. Асадбек хотинига ёлғиз рўпара келишдан, унинг гап бошлашидан чўчиди. Умрида биринчи марта нигоҳини яширишга ҳаракат қилди. Эрининг кўз қарашиданоқ нима демоқчи бўлаётганини англашга ўрганган Манзура унинг бир дардини яширишга уринаётганини сезди. Рўпарасига ўтириб:
— Адаси...— деб гап бошламоқчи эди, Асадбек ўрнидан турди.
— Сафарга тайёрмисан, эрта-индин жўнайсан,— деди.
— Сиз-чи? — деб сўради Манзура ҳайратланиб.
— Мен... менга ҳукумат рухсат бермабди. Тўғриласа бўлади, дейишяпти, орқангдан етиб бораман. Боролмасам, тўйни ўтказиб, келинпошшаларни бошлаб келаверасан. Тўйнинг ўғил боласини шу ерда қиламиз.
— Вой, адаси...
— Бўлди, гапни чўзма. Мен ётаман, чарчадим.

Ётишга ётдию кўзига уйқу илинмади. Ярим соатдан сўнг телефон жиринглаб, болохонадаги йигит Красноярдан Козлов сўраётганини маълум қилди.

Козлов ҳол-аҳвол ҳам сўраб ўтирмай, муддаога кўчди:
— Асад, менга ҳеч нима юбормай тур, вазият ўзгарадиганга ўхшайди.
— Ие, кеча бир тсистерна жўнатдик-ку?

Бу гапни эшитиб, Козлов сукут қилди, кейин бир қарорга келиб:
— Бир иложини қиларман, ташвишланма. Жуда бўлмаса Иркутскка ўтказиб юборарман. Ҳозирча алоқани узиб турамиз. Иш тўғри бўлиши билан ўзим хабар қиламан.
— Хонгирейми?
— Ҳа.
— Эҳтиёт бўл.

Шу сўз айтилиши билан телефон узилди.

Асадбек учун бу кутилган нохуш хабар эди. Лекин у Хонгирей бу тарзда тез сиқувга олар, деб ўйламаганди. «Хонгирей у томонда ишга киришган бўлса, Ҳосил нима каромат кўрсатар экан?» Асадбек бу ҳақда кўп ўйлади. Ўзи берган саволга тайин жавоб топа олмагач, аъёнларини чақиртирди.

3

Қилич Сулаймонов қил устида яшаётганини биларди. Ёлғиз Асадбекка хизмат қилаётган бўлса ҳам, ёки аксинча, фақат Ҳосилбойваччанинг юмушларини бажарса ҳам ўлажаги унга маълум эди. Шу боис уста дорвоз ҳолида яшашдан ўзга чораси йўқ эди. У Асадбекнинг хизматларини бажариш баробаринда Ҳосилбойваччани бўлаётган ишлардан хабардор қилиб турарди. Красноярга бир тсистерна вино юборилгани Ҳосилбойвачча учун хушхабар эди. У хабарнинг суюнчисига «заводни ўз-ўзингга олиб бермаган — номард» деб ваъда берди. Ўша заҳоти бу хабар Хонгирейга етказилиб, мўлжалдаги режани амалга оширишга киришилди.

Ҳосилбойвачча бундай фурсатни узоқ вақт кутди. У аввалига Асадбекка ҳавас қилган бўлса, бора-бора бу ҳавас ҳасадга айланди. Бу ҳасад йиллар бўйи бир он бўлсин, уни тинч қўймади. Агар шу йиллар ичи ундан «яшашдан мақсад нима?» деб сўралса, шубҳасизки, «мақсадим ягона — Асадбекни янчиш», дерди. У ўйлай-ўйлай ғолибликнинг энг қулай, энг яқин йўлини топа олди. Зўрни зўрроқ билан йиқиш афзаллигига ақли етгач, фурсатни бой бермади. Хонгирейнинг қирқ ёшга тўлганини эшитди-ю, «бахтимдан ўргилай», деб отни қамчилади. Ортиқча чиқимга тоқати бўлмаса-да, бу сафар хасислик қилмади. Тилладан чиройли тумор ясатиб, «2049 йил, 100 ёш» деб ёздирди-да, Москвага қараб учди. Уч кун давом этган катта зиёфатга у яқинлаша олмади. Тантаналар тугаб, Хонгирей ҳордиқ чиқаргач, уни қабул қилди, Ҳосилбойвачча салом бериб кириб, унинг бўйнига тилла туморни осиб, «Сиз-бизнинг валинеъматимизсиз», дейиши Хонгирейга ёқди. Кимлигини сўраб-суриштирди. Хонгирей Асадбекни биларди. Асадбекнинг бир оз мағрурлиги унга ёқинқирамасди. Бу йигитнинг Асадбек ўрнидан умидворлиги шу сабабли маъқул келди. «Менга шунақа мутелар керак», деб уни қўллашга аҳд қилди. Красноярда Козловни синдириши қийин кечаётган эди, энди бир ҳамлада икки рақибни енгиш имкони туғилиб Ҳосилбойваччанинг ташрифидан мамнун бўлди.

Ҳосилбойвачча орқасида қад кўтараётган тоғдан қувват олиб, қалъани тўла забт этмоқ қасдида дадил ҳужум бошлашга аҳд қилди. Ана шу пайтда Шомил унга яна бир хушхабар етказди:
— Асадбек ўладиган касал эмиш,— деди у иршайиб.
— Қаёқдан олдинг бу гапни? — деди Ҳосилбойвачча ишонқирамай.
— Дўхтири айтди. Асадбекни кўриб қўйганини эшитиб, гирибонидан олдим. «Қасам ичганман, айтолмайман», дейди. «Қасам керакми сенга ё жонми?» девдим, дарров гуллади. Ё икки-ё уч ойлик умри қолибди. Ўлиши аниқ экан.
— Икки-уч ойлик дедингми? Яхши! Винзаводни ўз қўли билан топшириб кетса ҳам бўларкан, а?
— Ўлишини кутмайсизми?
— Йў-ўқ. Осонгина ўлиб кетмасин-да. Менинг кимлигимни билиб, кейин ўлаверсин. Бир пайтлар кўкрагимдан итариб, ёнига йўлатмовди. Мендан кўра Чувринди қулларини афзал кўрувди. Барибир мен уни енгдим! Аввал менинг кулгимни кўрсин, кейин ўлсин!
— Энди унга кассетани кўрсатса бўлар?
— Шошмай тур. Мен ҳали ундан баттарини кўрсатаман. Сен лалайганроқ йигитларингдан бирини тайёрлаб қўй.
— Кесатяпсизми, лалайганини нима қиласиз?
— Ўлиб кетса ачинмагин дейман-да, — Ҳосилбойвачча шундай деб кулимсираб қўйди. Унинг кўмма гапини Ғилайнинг калта фаҳми англаб етмади. Танлаган йигитини бир ҳафтадан сўнг қонга беланиб ётганини кўргачгина тушунди.

Унга қадар эса...

Унга қадар Ҳосилбойвачча Асадбекни йўқлаб уч қаватли иморатнинг ертўласидаги қароргоҳига борди. Манзурани кузатгач, Асадбек уйга боргиси келмай тўғри шу ерга келган, хона иссиқ бўлишига қарамай, қалин кийимда ўтирар эди. У Чувринди билан қандайдир қоғозларни кўздан кечираётганда Ҳосилбойвачча кирди. Чувринди қоғозларни йиғиштириб «нима қилай?» деган маънода Асадбекка қаради. «Ўтир», деган ишорага итоат этиб, жойидан жилмади.
— Бек ака, соғ-саломат бориб келдингизми сафарларга? — деди Ҳосилбойвачча Асадбекни қучоқлаб. Димоғига ёмон ҳид урилдию нафаси қайтиб «ўлиши чин шекилли?» деб ўйлади.
— Ўзинг қалайсан? Ишларинг юришяптими? — деди Асадбек совуқроқ оҳангда.
— Соянгизда юрибмиз-да, ака.
— Менинг соямдами? — деди Асадбек синов назари билан тикилиб.
— Ҳа-да, сизни акам деганман.
— Шунақами? Мен акангманми? Хонгирей-чи? Тоғангми ё аммангнинг эрими?
— Гапни ҳам қийворасиз-да, акахон.
— Сен бўладиган гапни қил. Шу пайтгача Асадбекни биров лақиллата олмаган. Сен гижингламагину дардингни айт: нима керак сенга?
— Дангал гапми? Гапнинг ўғил боласи шуки, менга ҳозирча винзавод керак.— Ҳосилбойвачча шундай деб ғолиб одамнинг назари билан унга тик қаради. Асадбек ундан бу даражадаги сурбетликни кутмаган эди. Шартта тарсаки тортиб юбормоқчи бўлди-ю, ўзини тийиб сўради:
— Ҳозирча винзаводми? Ундан кейин-чи?
— Ундан кейингисини ўшандан кейин гаплашамиз.
— Агар Хонгирейга баччалик қилмаганингда сенга винзаводни совға қилиб берардим.
— Акахон, оғзингизга қараб гапиринг. Бизда ҳам иззат-нафс бор.
— Сенда иззат-нафс бор эканми? Келиб-келиб ўша ҳаромига орқа қиляпсанми? Икки ўзбек мол талашсаю луқмасини бегона олиб кетса, яна сен иззат-нафс ҳақида гапирасанми? Бу кундан ўлганинг яхши.
— Энди, акахон, совуқ нафас қилманг, ҳаммамиз иссиқ жонмиз, ким олдин ўлади, Худо билади.

Ҳосилбойваччанинг бу илмоқли гапини эшитиб, Асадбек Чувриндига савол назари билан қараб олди.
— Бек ака, жаҳлингиз чиқмасин, дунё бозор-да, бир сизнинг омадингиз келди, энди гал меники. Винзаводни текинга олмайман. Жуда катта нарх қўяман. Дарров рози бўлганингизни ўзингиз ҳам сезмай қоласиз.
— Бу нима деганинг?

Ҳосилбойвачча кулимсираб пиджаги чўнтагидан видеокассетани олиб узатди.
— Бу нима? — деди Асадбек ажабланиб.
— Қўйиб кўринг. Мен ярим соатдан сўнг телефон қиламан,— Ҳосилбойвачча шундай деб чиқди.
— Дўхтирни топ,— деди Асадбек Чувриндига.— Гапини эшитдингми, ис олганга ўхшайди.

Чувринди лозим рақамни териб, табибни топди-да, дабдурустдан:
— Нега қасамни буздингиз? — деди. Табиб жавобга тараддудланганидан фойдаланиб, сўроқни давом этди:— Кимга айтдингиз?

Табиб ғудраниб бир ғилайнинг зўрлаганини маълум қилди.
— Ғилай Шомил,— деди Чувринди гўшакни жойига қўйиб.— Нима қиламиз?

Асадбек йўталиб олгач, ёшланган кўзларини унга қадаб жаҳл билан деди:
— У қасамни бузди!

Чувринди чиқиб Бўтқага табибни нима қилиш лозимлигини айтгач, хонага қайтиб видеокассетани қўйди. Ҳаммом... Икки жувон... Бири бирини қучоқлаяпти...
— Ўчир! — деб бақирди Асадбек. Чувринди амрни бажаришга улгурмай, сапчиб ўрнидан турди-да видеомагнитофонни тепди. Оғзига келганини қайтармай бўралаб сўка бошлади. У Ҳосилбойваччани сўкяптими, ё Зайнабними, Чувринди фарқлай олмади.

Хасталигини ҳам, вужудидаги оғриқни ҳам унутган Асадбекни ғазаб ўзини билмас даражага келтирган эди. Унинг кўзига ҳозир ҳеч нима кўринмасди. Мана шундай ҳол юз бериши мумкинлигини ҳисобга олгани учун ҳам Ҳосилбойвачча видеокассетани ташлаб, тезгина чиқиб кетган эди.

Чувринди ҳожасининг елкаларини силаб, бир оз овутгандай бўлди.
— Анави қанжиқ таниш кўринди, ким у? — деди Асадбек ҳансираб:
— Касалхонадаги ҳамширага ўхшатдим.
— Топ уни, топ! Ернинг тагидан бўлса ҳам топасан, ўлигини бўлса ҳам топ, чотини ўзим йириб ташлайман!

Чувринди шошиб эшикни очди. Бўтқа ҳали топшириқни бажаргани кетмаган эди. Чувринди унга касалхонага боришни, Зайнабни боққан ҳамширани топишни буюрди. Бу орада Асадбек ўтириб, титроқ бармоқлари билан телефон рақамини терди. Гўшақдан Элчиннинг уйқули овози эшитилгач, бақириб сўради:
— Зайнаб қани?
— Дўхтирга кетувди...
— Эрмисан ё ҳезалакмисан ўзинг?! — Асадбек шундай деб гўшакни куч билан уриб, телефонни синдирди.

Бир оздан сўнг эшик қия очилиб, Бўтқанинг ихтиёридаги қиз аста мўралаб, Ҳосилбойвачча деган одам телефонга чақираётганини айтди. Чувринди эшик томон бир қадам қўйган эди, Асадбек «Тўхта!» деб ўзи юрди. Телефон гўшагини кўтариши ҳамон:
— Ҳосил, билиб қўй, киндигингдан бўғзинггача тилмасам, юрган эканман, эркакман деб.
— Ўзингизни босинг акахон,— деди Ҳосилбойвачча, уйқудан туриб эснаётган одам овози билан.— Сиз ҳойнахой кассетани охиригача кўрмагандирсиз? Томошанинг зўри бир жойда бўляпти, истасангиз бориб кўринг. Қизингиз ўша ерда айшини суряпти.— Ҳосилбойвачча кўчанинг номини айтди, гаранг ҳолдаги Асадбек дарров илғаб олмади. Ҳосилбойвачча буни сезгандек, манзилни яна икки марта такрорлаб, гапни бас қилди.

Асадбек меров одамдек қаққайиб туриб қолди. Кейин фикри бир оз тиниқлашгач, шашт билан юриб, ичкари кирди-да, темир жавонни очиб, тўппончани қўлга олди.

Маҳмуд масаланинг жиддийлигини тушуниб:
— Йигитларни чақирайми? — деб сўради.
— Йўқ! — Асадбек шундай деб тез-тез юрганича кўчага чиқди. Машинага суянганича қўлини қовуштириб турган Ҳалимжон унинг авзойини кўриб шошиб қолди.
— Маҳмуд, рулга ўтир,— деб буюрди Асадбек машинага яқинлашгач. Машина жойидан жилгач, манзилни айтди.

Борадиган жойлари бу ердан узоқ эмасди. Тўрт қаватли ғиштин иморатнинг учинчи қавати. Ўн еттинчи хонадон. Эшик қулфланмаган. Чувринди бир итаргандаёқ очилди. У ичкари кирмоқчи эди, Асадбек елкасидан ушлаб тўхтатди-да, ўзи олдинга ўтди. Ўнг томондаги эшик ўрнига парда тутилган. Ўша хонадан Зайнабнинг овози келди. Асадбек пардани юлди. Қизи билан йигитнинг шармандали ҳолатини кўриб, тахтадек қотди. Юраги уришдан тўхтагандек бўлди. Қўл-оёғи музлади. Парда юлинганини сезган йигит ўгирилди. Асадбекни кўргач, қўрқувдан кўзлари косасидан чиқар даражада бақрайди. Унинг қўрқув аралаш қараши Асадбекни ҳушига келтирди. Титроқ бармоқлари чўнтагидан тўппончани олди. Тепки босилди. Зайнаб чинқирди. Йигит оҳ уришга ҳам улгурмади. Тўппончадаги барча ўқлар унинг кўкрагидан макон топди.

Чувринди Асадбекни тўхтата олмади. Аниқроғи тўхтатишга ҳаракат ҳам қилмади. Бошқа чора йўқлигини у биларди. Фақат Зайнабга ўқ тегмаганига ажабланди.

Тўппончада ўқ қолмаган бўлса-да, Асадбек унинг дастасини маҳкам сиқиб турарди. Чувринди бармоғини дастадан айириб, тўппончани олди-да, Зайнаб томон бир қараб олиб:
— Пастда кутамиз,— деди.

Кўчага чиқишганда Асадбек букчайиб қолган эди. Ундаги ғазаб чекиниб, вужудига дам қасос, дам алам ҳислари ҳукм ўтказарди. Кечагина кимсан, Асадбек (!) эди. Энди-чи... Ўз қизи номусини ҳимоя қила олмаган бир нотавон... Ўз ҳолига йиғлагиси келди. Бу шармандалик юкини кўтариб юргандан кўра ўзини отишни ҳам истади. Бармоқлари беихтиёр равишда чўнтакни пайпаслаб тўппончани излади. Машинага ўтиргач, Чувринди гап бошлади:
— Касалхонада игнага ўтқазишганга ўхшайди. Уйда игна билан дорига кўзим тушди. Бўлмаса бунақа қилмасди.
— Ёнини олма...
— Ёнини олаётганим йўқ...
— Овозингни ўчир... Кетдик...
— Чиқсин...
— Юр, дедим, сенга!
— Одамлар кўрмасин... олиб кетайлик.

Дам ўтмай замин қадар оғир дардни елкасига ортиб, дир-дир титраётган Зайнаб кўринди.

4

Онасининг сафар тадориги, кузатиш ташвишлари билан бўлиб Зайнаб дори топиб эмлаш чорасини қила олмади. Онасини кузатди-ю, ортиқ чидай олмай, Мардонага телефон қилди. Мардона қаерга келиш лозимлигини айтгач, бу янгиликни дарров Ҳосилбойваччага маълум қилди. Бу хабарни интиқ кутаётган Ҳосилбойвачча видеокассетани олиб, Асадбек ҳузурига йўл олди.

Бу ҳаракатларни Зайнаб билмас эди. У парда юлиниб, отаси кўринганда ҳам, нима бўлаётганини англамай карахт эди. Ўқ отилиб, беихтиёр чинқириб юборганидан кейин ҳушига келиб, қўрқув исканжасига тушди. Қонга беланган тўшакдан дарров туриб кета олмади. Ўрнидан тургач, нима қиларини билмади. Дераза олдига яқинлашиб, ўзини пастга отгиси келди. Машина сари юриб бораётган отасини кўриб, юраги эзилди. «Ўзингни отма, отанг бунга чидай олмайди», деди. «Нега чидай олмайдилар? — деб ўзига ўзи савол берди.— Бу шармандаликка-чи? Чидайдиларми? Нега мени отмадилар? Аядиларми? Энди-чи, энди нима бўлади? Онажоним... яхши ҳам кетганлари...»

Зайнаб довдираб тура-тура кийиниб, пастга тушди. Машина эшигини очишга мадори етмади. Уйга боришгач, машинадан биринчи бўлиб тушди.

Асадбек ҳовлига киргач, Чувриндига қарамаган ҳолда буюрди:
— Отарчидан хабар ол, уйидамикин? Уйида бўлса бил: бугун отари борми?

Чувринди болохонага кўтарилиб, бир нафасда қайтди. Унга қадар Асадбек жойидан жилмади.
— Уйда экан. Тўрт яримларда жўнаркан.
— Соат бешда кел, бўлмаса.
— Бек ака, ақл ўргатяпти, демангу...
— Соат бешда кел, дедим, тушунмадингми?

Чувринди итоаткорона бош эгиб, кўча томон юрди.

Соат бешга қадар бўлган вақт Асадбекнинг назарида гўё минг йилдек чўзилди. Кенг, ёруғ меҳмонхона тор, қоронғу зиндон каби туюлди. Тўрт девор тобора бостириб келаётгандек бўлаверди. Хотини кетиши билан ҳувиллаган, энди эса зиндонга айланган уйдан қочиб чиқиб кетгиси келди. Эзилган, пораланган нотинч юраги кўкрак қафасини зарб билан тепиб, синдириб кенгликка чиқишни истади. Юрак кенгликни соғинади, қани ўша кенглик? Юрак ҳаловатни қўмсайди, қани ўша ҳаловат? Юрак ярасига малҳам истайди, қани ўша малҳам?.. Малҳам — қасосми? Ҳа, ғалаён қилаётган юрак қасосни тилайди. Йигитларни тўплаб, Ҳосилбойваччаникига бориб уни ўз қўллари билан қийма-қийма қилиб ташлаш Асадбек учун ҳеч гап эмас. Лекин унинг соғлом ақли юракнинг бу инжиқликларидан устун туради. Қасос онларини кейинроққа суради. Ҳозир эса қизини шармандалик юкидан озод қилишни ўйлайди. Бунинг йўли бир — уни ҳур қизлар сафига узатиш... Бу мудҳиш фикр унда видеокассетани кўргандаёқ уйғонган, шармандаликка ўзи гувоҳ бўлгач, қатъийлашган эди. Ўша уйда тўппонча оғзини унга қаратишни истамади. Бу ҳаромхонада қон тўкишини, жон беришини хоҳламади.

Тобора бостириб келаётган деворлардан қизалоқнинг ширин кулгиси ширин тил билан «адажон, менга нима опкелдийиз» дегани эшитилди. Бу — кичкина Зайнабнинг ширин кулгиси, ширин тили... Унут бўлаёзган овозни шу деворлар ўзига сингдирган эди, ҳозир йилларни оралаб ўтиб, акс-садо беряпти. Асадбек эшитмаслик учун қулоқларини беркитиб олди. «Ада, адажон...» Деворлар шундай деб акс-садо бераверди.

Соат бешга қадар шундай бўлаверди. Соат бешга қадар, Асадбекнинг назарида, минг йил бу овоз тинчлик бермади. Лекин мудҳиш фикр ширин хотиротдан устун эди...

Асадбек уйга сиғмай, ҳовлига чиқди. Ҳовлини, ошхонани, ертўлани кезди. Нимадир излади. Охири ертўладан бир қулочли арқон топиб, билагига ўраб олди.

Чувринди айтилган вақтда келиб, билакка ўралган арқонни кўрди-ю, муддаони фаҳмлади. Арқонни олмоқчи эди, Асадбек силтаб ташлади.

Чувринди Зайнабни чақирди. Машинага ўтирдилар. Элчиннинг уйи сари юрдилар. Дарвоза қулф эди. Зайнаб тушиб очди.
— Маҳмуд, айт унга, покланиб чиқиб, келинлик кўйлагини кийсин.

Остонада нима қиларини билмай қотиб турган Зайнабга Чувринди бу амрни етказди.

Зайнаб ўлик оёқларини зўрға судраб ичкари кирди. У отасининг билагига ўралган арқонни кўрган, умри ниҳоясига етганини сезган эди.

...Атрофга шом қоронғуси бостириб келадир. Кеч кузнинг изғиринли нафаси сочларини аста тўзитадир. Жувоннинг вужудини эса хуфтон зулумоти босадир, юраккинаси музлайдир, танаси совуқданми, ёхуд ўлим шарпасининг қўрқувиданми енгил титрайдир... Кумушбиби бўлмоқни орзу этган, бокира, аммо инжу орзулари лойга қоришган Тупроқбиби, ундан-да баттар қавмда сўнгги нафас сари борадир...

Отаси покланиб олсин, дебди, сув поклай олармикин унинг руҳини?

Асадбек бир соатга яқин машинада ўтирди. Сўнг аста тушиб ҳовлига, ундан уйга кирди. Назарида, оёқлари чалишди. Қандайдир куч кўкрагидан итарди, орқасига қайтмоқчи ҳам бўлди. Бошқа бир куч эса тисланишга йўл бермади.

Зайнаб оқ либосда, уй ўртасида ҳаракатсиз турар эди. Асадбек остонада бир нафасгина тўхтади. Шунда уларнинг кўзлари тўқнашди.
— Жон қизим, мен сени жазоламоқчи эмасман, сени бу дунёнинг ифлосликларидан қутқармоқчиман,— деди Асадбекнинг кўзлари.
— Жоним адажон, қийналиб кетдим, қутқара қолинг... фақат онажонимни соғинаман... Онамни бир ўпсам эди...
— Сен ҳур қизлар билан бирга бўласан...
— Йўқ, улар мендайин шармандани қаторларига олмаслар...
— Ҳадемай изингдан етиб бораман...

Асадбек бир қадам қўйди. Зайнаб отаси томон интилиб, у ҳам бир қадам қўйди. Ота кўнгли қизини сўнгги бор бағрига босмоқни истади. Ўзини тутди. Қиз ота олдида тиз чўкмоқни истади — тиз чўкди. Асадбекнинг кўзига ёш қуйилиб кела бошлади. Фарёд уриб юбормаслик учун билагидаги арқонни бўшатиб, Зайнаб олдига ташлади-да, шарт бурилиб чиқиб кетди. Тиз чўккан Зайнаб отасининг биргина сўзига зор бўлиб, илтижоли нигоҳини унинг изларига қадаб қолаверди.

Рози-ризолик сўралмади.

Асадбек машинага индамай ўтирди. Кўкрагини рулга қадаб олган Чувринди қаддини кўтариб, унга савол назари билан қаради.
— Ҳайда,— деди Асадбек ҳирқироқ овозда.

Чувринди уй томонга қараб қўйди-ю, буйруққа итоат этди. Машинани секин юрғизди. Асадбек: «Нима учун тезлатмаяпсан?» деб сўрамади.

«Гуноҳларни сен қилдинг-у, жабрини қизинг тортди, айбдор ўзинг бўла туриб қизингни жазоладингми?..»

Орқа ўриндиқда ўтирган кимдир шундай деб бақиргандай бўлди. Асадбек чўчиб, орқасига қаради. Ҳеч ким йўқ... такрорланди. Энди овозни таниди — Жалил. Янада қаттиқроқ айтди гапини. Сўнг яна такрорлади. Ҳар гапирганда юракдаги муз парчалана борди. Юрак муздан холи бўлиб, илий бошлагач, бақириб юборди:
— Тўхта! Қайт орқага!

Чувринди машинани қайтараётганида Асадбек:
— Зайнаб, жон қизим! — деб ҳўнграб юборди...

Сўнгги боб

Ёхуд учинчи китобнинг дебочаси Асадбек, Элчин, Ҳосилбойвачча.

1989 йил, 29 ноябр

1

Ҳосилбойвачча бу олишувда мутлақ ғолиб чиққанига амин эди. Ҳатто Хонгирейга қўнғироқ қилиб, уни ғалаба билан қутлаган, «акахон, сиз бу ерларнинг хўжайинисиз, биз сизга ноибмиз халос», деб камтарлик ниқоби остида ялтоқланган эди. У энди кейинги қадамлари ҳақида бош қотирар эди. Асадбек ўлгач, аввал Кесакполвонни йўқ қилишни ўйларди. Чувринди билан гаплашиб кўради, хизмат қилишга кўнса, унга тегмайди. Кўнмаса уруғи билан қуритиб юборади. Ана ундан кейин майда-чуйда тўдалар ўз хоҳишлари билан эмаклаб келаверишади. Эгилгиси келмаганларнинг бели синади... Ҳосилбойвачча янги йилни режаси бўйича ягона ҳоким сифатида қаршилаши керак. Бу Ҳосилбойвачча учун хом хаёл эмас, тайёр пиширилган ош эди. Сузиб еса, бас...

Бироқ... пишган ошни ейиш ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Ҳосилбойвачча орзу булутига ёнбошлаб, роҳатланиб сузиб юрганида Асадбек қўнғироқ қилди.
— Ҳосил...— Асадбек шундай деб сукут қилди. Гапини айтишга қийналди.
— Гапиринг, акахон,— деди Ҳосилбойвачча меҳрибонлик билан.
— Сенга тан бердим, гап йўқ...— Асадбек шундай деб хўрсинди.

Ҳосилбойваччанинг юзини шодлик ели силаб ўтди. Мағлубни бир оз калака қилиш мақсадида:
— Сизга ҳам қойилман. Бунақа тан бериш фақат ўғил боланинг қўлидан келади,— деди.

Асадбек унинг бу лутфини жавобсиз қолдириб, муддаога кўчди:
— Ҳосил, менга видеокассетанинг асл нусхасини берасан.
— Гап йўқ, акахон.
— Анави қанжиқни қаерга қочирдинг, уни ҳам берасан менга.
— Буниси энди тўғри келмайди. У қанжиқ ҳали менга кўп керак бўлади. Унинг ишини унча-мунча қанжиқ эплолмайди.
— Барибир топаман уни.
— Бир укалик маслаҳатим — уни қидирманг. Мен уни сизнинг ўнта йигитингизга ҳам алишмайман. Сиз кассетани олингу бошқасини унутинг. Ўзингиз келасизми, ё одам юборасизми?
— Бу иккаламизнинг орамиздаги иш. Мен боролмайман. Касалман, биласан. Эски шаҳардаги уйимда кутаман. Ёлғиз ўзинг кел. Бирга бир гаплашаман. Винзаводга тегишли қоғозлар бор, бераман. Агар яна бошқа даъволаринг бўлса, айтасан, келишамиз.
— Мен ўйлаб кўраман, акахон.
— Майли, ўйла. Каллали боласан. Сен мен қилган хатоларни четлаб ўтсанг, узоққа борасан. Бугун соат бешда кел, бир ўзим кутаман. Қўрқма, пистирма қўймайман. Менинг ўйиним ҳамма вақт ўғил болача бўлади, биласан-ку?

Ҳосилбойваччанинг кўнгли қандайдир нохушликни сезди, аммо ғолиблик сурури бу сезгини бўғди. У Асадбекнинг таклифини кўп мулоҳаза қилиб ўтирмади. Жон таслим қилаётган ғанимнинг илтижоли кўзларини кўргиси келди. Кўкрагига оёқ қўйиб, қаҳ-қаҳ отиб кулишни истади.

Соат тўрт яримда видеокассетанинг яна бир нусхасини олиб Шомил билан бирга эски шаҳар сари йўл олди. Шомилни ўттиз-ўттиз беш қадам берида, кўча муюлишида қолдириб ўзи Асадбек ҳовлисига кирди.

2

Асадбек болалиги ўтган ҳовлига пешинда келди. У хасталик оқибатидами ё кейинги кунларда кўрган-кечирганлари таъсиридами, анча ҳолсизланиб, руҳсизланиб қолган эди. Машинадан тушишда бир оз қийналди. Чувринди чаққон туриб унинг қўлтиғига кирди. Кеча Чувриндини яқин йўлатмай, қаддини тутиб олган эди. Бугун қаршилик билдирмади. Улар ҳовлига киришгач Чувриндининг топшириғи билан уйга қараб турган йигит чиқди. Асадбек иссиқ танчага ўтириб роҳатланди. Чувринди узатган пиёладан бир ҳўплам қайноқ чой ичди.
— Маҳмуд, мен душманларимдан ўч олмай туриб кета олмайман. Қасоссиз кетсам, ётқизиб кўма олмайсан, гўримда тик тураман.
— Ўша одамларни айтинг, эзғилаб ташлайман.
— Ўз қўлим билан ўлдирмасам, хумордан чиқмайман. Ҳозир отарчи келади. Ҳосилни ҳам чақирганман. Сен нима қилишингни билиб ол.

Асадбек Чувриндига режасини тушунтирди.

3

Элчин қайнотасининг кутилмаган йўқловидан ажабланди. Одам юбормай, шахсан ўзи қўнғироқ қилганига, эски шаҳардаги уйига чақирганига, машинани катта кўчага қўйиб келишни тайинлаганига ҳайрон бўлди. Ҳатто бир оз хавотирланди. Қайнотасининг бир шумликни ўйлаб қўйганини сезди. Унда мулоҳаза қилиш учун муҳлат кам эди. Шу сабабли айтилган вақтда йўлга отланди.

Асадбек бу уйга келганида албатта машинада пойлоқчи ўтиргувчи эди. Катта йўл ёқасига машинасини қўйган Элчин аста юриб келиб, пойлоқчи йўқлигидан ҳайрон бўлди. Кейин «Асадбек келмагандир», деган хаёлда ҳовлига кирди. Ичкаридаги чироқ ёруғида ёлғиз ўтирган Асадбекни кўрди.

Асадбек куёви кирганда ўрнидан жилмади. Ўтирган ерида қўл узатиб кўришди. Элчин ўтираётганида йўтал тутиб, анча роҳатсизланди. Йўтал босилгач, кўз ёшини артиб, бир оз сукут сақлади. Кейин Элчинга қаттиқ тикилиб, сўз бошлади:
— Мен ҳаётимда кўп хато қилмаганман. Энг катта хатоим нима, сен биласанми?

Қайнотасининг дабдурустдан сенсирашидан суҳбат оқибатида кўнгилга ханжар бўлиб санчилажагини сезди. Сезгани учун ҳам саволга жавоб қайтармади. «Қани, гапираверинг», дегандай бошини эгиб ўтираверди.
— Энг катта хатоим — сени ўлдирмаганим. Сен қизимнинг ҳаётини барбод қилдинг. Мен ҳотамтойлик қилиб юбордим. Сен Шилимшиқни ўлдирдинг. Аслида у сени ўлдириши керак эди. Сен хотинни эплайдиган эр эмас экансан. Зайнабни сен бадном қилдинг... Мен сенга ҳамма гапни айтмайман. Энди бир ўғил болалик қиласан, ўч оласан!

Элчин бу гапни унча тушунмади. Бошини кўтариб сўрамоқчи эди, Асадбек гапиртирмади:
— Жим бўл. Сен бугун айтганимни қиласан. Қолган гапларни кейин биласан. Ҳозир айтадиганим битта: эркак бўлганингдан кейин эркакча яша. Чироқни ўчир.— Асадбек шундай деб соатига қараб олди. Элчин чироқни ўчиргач, ўрнидан туриб бориб дераза ёнига ўтирди. Уй совуқ эмас эди. Элчин унинг қўлқоп кийиб олганидан ажабланди.
— Деразани қиялаб оч,— деб буюрди Асадбек.
— Ташқари салқин-ку?
— Бир табақасини қиялаб оч. Ўзинг панада ўтир. тур дейишим билан турасан. Айтган ишимни тез бажарасан. Ўйлаб ўтиришга фурсат бўлмайди.
— Нима қилмоқчисиз, билишим мумкинми?
— Мен сенга қасос олиш қанақа бўлишни кўрсатаман. Ҳозир ўлиши керак бўлган одам сенинг ҳам, менинг ҳам номусимни булғади.

Асадбек шундай деб қўнжидан тўппонча чиқарди-да:
— Энди менга халақит берма,— деб қия очиқ дераза оша кўча эшикни мўлжалга олди.

Асадбек болалигида, янги йил кутадиган куни шу эшик очилишини, отасининг кириб келишини, сўхтаси совуқ икки кишини уриб-уриб ҳайдаб юборишини кутган эди. Бу икки киши отасини олиб кетганидан кейин ҳам шу ёққа кўп тикилди. Унинг учун бу эшик ҳовли билан кўчани боғлайдиган бир восита эмас, балки умид қопқаси эди. Афсус шуки, ўша йиллар бу умид эшиги очилмади...

Ҳозир ҳам тикилиб ўтирибди. Ҳозирги умиди бўлак — қасос! Ҳозир ажал бир малъунни ҳайдаб келиб унга рўпара қилади.

Ниҳоят эшик очилди. Ҳосил кўринди. У ҳеч нарсадан тап тортмай, ҳовлига қадам қўйди. Бир қадам... иккинчиси... Учинчисига улгурмади.

Тепки босилди.

Одам жонига ташна ўқ кўкракка қадалди. Сўнг иккинчиси... учинчиси...

Ҳосилбойвачча аланглашга ҳам улгурмади.

Мағлуб одамнинг илтижоли кўзларини кўра олмади.

Асадбек тўппончани Элчинга тутқазди:
— Чиқ тез, ўлмади шекилли, қўлим титради. Тирик бўлса от.
— Нимага?
— Чиқ деяпман! Зайнабни булғади бу, эшитяпсанми?! Эркакмисан ўзинг!

Элчин бу гапга ишонқирамай, тўппончага қўл чўзди. Асадбек яна бақиргач, ҳовлига чиқди. Ҳосилбойваччага яқинлашди. Лекин ўқ узмади. Тепкини босишга ҳожат ҳам йўқ эди. Шу заҳоти эшик тепки зарбидан очилиб остонада Шомил кўринди. Ғилай ерда қонга беланиб ётган хўжасини, тўппонча ушлаб турган Элчинни кўрди-ю, ўйлаб ўтирмай унга ўқ узди. Элчин қаршилик қилишга ҳам улгурмади.

Шу нафаснинг ўзида пайдо бўлган Чувринди аввал Шомилни отмоқчи бўлди. Лекин Асадбекнинг топшириғини эслаб, Ғилайнинг орқа миясига тўппонча қўндоғи билан зарб билан урди. Ғилай Шомил хўжаси ёнига беҳуш йиқилди.

Асадбек уйдан битта-битта босиб чиқиб келди. У энди бир неча соат илгариги ҳолсиз хаста одам эмас, қаддини мағрур тутувчи Асадбек эди...

«
Ниҳоят... шайтанат олами воқеаларининг баёни шу ерга келганида, Яратганга шукрлар айтган ҳолда иккинчи китобга нуқта қўяман. Мазкур баённи ўқиган ҳар бир кимсага миннатдорлик билдириб, Оллоҳдан хонадонларингизга файзу баракот тилайман. Шайтанат дарахтининг сояси ҳеч биримизнинг хонадонимизга соя ташламагай. Омийн ва Роббил оламийн.
»
III- qism
 
Keyingi