OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

1 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифТоҳир Малик
Асар номиШайтанат (III- китоб, I- қисм)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Криминал беллетристика
Муаллифлар
   - Тоҳир Малик
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Китоблар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм503KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/12/03
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Шайтанат (III- китоб, I- қисм)
Тоҳир Малик

Муаллифдан

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

«
Ва мин-ан-наси ман южаадилу филлаҳи биғойри ъилмин ва яттабиъу кулла шайтонин мариидин. Кутиба алайҳи аннаҳу ман таваллаҳу фааннаҳу юдиллуҳу ва яҳдиҳи ила ъазаби-с-саъийр.[1]
«Ҳаж» сурасидан
»


«
Вамтаазул явма айюҳал мужримуун. Алам ъаҳад илайкум яа баний адама алла таъабудуш шайтон, иннаҳу лакум адуввум мубийн. Ва аниъбудуни ҳаза сиротум мустақийм. Ва лақод азолла минкум жибиллан касийро. Афалам такунуу таъақилун. Ҳазиҳии жаҳан-наму-ллати кунтум туъадуун».[2]
«Ёсин» сурасидан Алоуддин Мансур таржимаси.
»


«
Шундан сўнг иблис Расули акрам (с. а. в.) га ўз ҳолатини англата бошлади:
Эй Муҳаммад, бирон кимсани залолатга олиб бориш учун қўлимда имкон йўқ. Мен фақат васвасага соламан, бир нарсани чиройли қилиб кўрсатаман, холос. Агар залолатга олиб бориш учун қўлимда имконият бўлса эди, ер юзида «ла илаҳа иллаллаҳу Муҳаммадур расулиллаҳ» дейдиганларни, рўза тутадиганларни, намоз ўқийдиганларни ҳоли қўймасдим. Барчасини залолатга бошлардим. Сизнинг қўлингизда ҳидоятга бошлаш имконияти бўлмаганидай, мен ҳам залолатга бошлай олмайман. Сиз фақатгина Оллоҳнинг элчисисиз ва таблиғга (Ислом динини ёйишга) маъмурсиз. Агар ҳидоятга бошлаш қўлингизда бўлсайди, ер юзида битта ҳам кофир қолмас эди. Сиз Оллоҳнинг яратганлари учун бир ҳужжатсиз. Мен ҳам азалдан бузғунчилик, гуноҳкорлик ёзилган кишиларга бир сабаб, воситаман.

Муҳйиддин ал-Арабийнинг «Шажаратул-Кавн» китобидан
»

I боб

1

Асадбек Ҳосилбойвачча тақдирини ҳал этиш режасини тузаётган дамларда Кесакполвон кутилмаган бир муаммони ечиш билан банд эди. Мусаффо осмонда оҳиста сузаётган учоқ булутлар тўдасига кириб асабий титрай бошлагани каби, кейинги воқеалар уни бир-икки силкиб қўйган, бу воқеаларни бўйига мос фаросати билан қаричлаб, шунга яраша хулоса чиқариб юрганида Чувриндининг йигитларидан бири кутилмаган масалага рўбарў қилди.Шу пайтгача Чувриндининг йигитлари Кесакполвонга, ёки аксинча, Кесакполвоннинг зўрлари Чувриндига бирон-бир масалада мурожаат қилишмаган эди. Ёзилмаган қонун асосида бунга ҳақлари йўқлигини яхши билишарди. Агар Кесакполвон Чувриндининг йигитига (ёки аксинча) бир юмуш буюргудай бўлса ҳам, бу йигит вазифани адо этишга киришишдан олдин ўз ҳожасини албатта огоҳ этарди.

Чувринди буюрган ишни бажармай Кесакполвонга мурожаат этиш, аниқроғи, буйруқдан бўйин товлашни фавқулодда ҳолатлар сирасига киритиш мумкин. Яна ажабланарли томони шундаки, шилтаси чиқадиган ишни Чувринди Кесакполвон зиммасига оширишга уринарди. Шилтароқ иш раҳм-шафқат деган тушунча билан муроса қила олмагани сабабли Чувриндида уйғониб тургувчи бу туйғу панд бериб қўйиши мумкин эди. Буни билгани учун ҳам Кесакполвон Чувриндининг бу кичик ҳийласидан оғринмасди. Қасамни бузган табибнинг ўлимга ҳукм қилиниши Кесакполвон учун бир муаммо бўлса, ҳукмни ижро этишни Чувриндининг ўз зиммасига олгани яна бир топишмоқ эди.

Кесакполвон бу янгиликни эшитгач, йигитга кўзларини лўқ қилганича топишмоққа жавоб излади. Чувриндининг бу йигити шаҳарда, балки бутун мамлакатда кўриниши жиҳатидан ягона бўлса эҳтимолдан ҳоли эмас. У ўн-ўн икки ёшга қадар барча қатори бўйга ўсган-у, сўнг эринибми ё яна ўсиш лозимлигини унутибми, бола гавдасида қолган эди. Бу ҳолдан бехабар калла эса катталашиб бораверганди. Агар у бир оз ҳаракатсиз турса, қайси ношуд ҳайкалтарош ёш болага катта одамнинг хумдай бошини ўрнатиб қўйибди, деб ўйлаш ҳам мумкин эди. Гавда билан калланинг номутаносиблигига ботиндаги шафқат ва бемеҳрлик зиддияти қўшиб қаралса, Миродил деган исмнинг нақадар ноўрин эканини фаҳмлаш мумкин. Дунёдаги бир қанча ноўринликларни ўзида мужассам этган бу йигит Чувриндининг махсус топшириқларини бажарар эди. Ҳамиша икки-уч бақувват йигитлар билан бирга юрувчи Миродил ҳар қандай одамга тап тортмай тик борарди. Қисқагина гапириб, қўққисдан нақ киндикни мўл муштларди. Унга бу зарбани биров ўргатганми, ёки икки қош ўртасига уруш учун бўй калталик қилганидан киндикни мўлжаллашга мажбурми эди, айтиш мушкул.

Ҳарҳолда, унинг тошдай муштидан татиб кўрган одам барака топмасди. Мушт зарби керагидан заифроқ бўлган тақдирда ҳам бақувват йигитларнинг тепкилари бу камчилик ўрнини тўлдириб қўярди. Кесакполвон Миродилнинг нималарга қодир эканини ўз кўзи билан кўрмаса ҳам, кўп эшитган, биларди. Билгани учун ҳам Чувриндининг топшириғи нечоғли муҳим эканини англаб етди.

«Дўхтирнинг гуноҳи нима экан? — деб ўйлади Кесакполвон. — Бекка бир бало бўлдими, сал нарсага «ўлдир» деб юборяпти. Бунақада шаҳарда тирик зот қоладими? Балки дўхтир ўладиган одамдир, унда нима учун мендан яширди? Маҳмуд нима қилиқ қилиб юрибди? Ё бу Хумкаллани менга рўпара қилиб бир ҳунар кўрсатмоқчими? Ё бунақа ишларни сен эплай олмайсан, дейишмоқчими?..»

Хумкалла дардини айтишга айтиб қўйди-ю, Кесакполвоннинг ўйга толганини кўриб, хавотири уйғона бошлади. Унинг назарида бу фикрлаб ўтириладиган масала эмас, «ҳа» ёки «йўқ» деб қўйиш билан битадиган осонгина иш эди. Кесакполвоннинг хаёл саҳросида илонлар каби ўрмалаётган гумонларини бу бечора қайдан билсин?

Хумкалла ташвиш жарига томон қадам қўйган пайтда Кесакполвон тилга кирди:
— Қандай гум қилишни ўйлаб қўйдингми?
— Йўқ ҳали...
— Сенга иш топширилган эди?

Хумкалла унинг ўткир нигоҳидан кўзларини олиб қочди.

Хумкалла Кесакполвонга бир қараб олишга журъат этди.
— Гапир! Балодан қайтмайдиган бола эдинг-ку, нимага аммамнинг бузоғига ўхшаб қолдинг?
— Ака, нима десангиз денг, мен ишдан қочадиган боламасман. Ўрнига ўзинг ўл, денг, ўлмаган ўғил боламас.
— Намунча, ўв ўғил бола? — деди Кесакполвон кесатиқ оҳангида. — Дўхтир ким ўзи, аммангнинг эрими ё киндигингни кесганми? Ё...
— У... ойимларга қараган. Ҳалол қараган.
— Ойинг ўлиб кетган шекилли?
— Ҳа... Лекин ўша дўхтирни доим дуо қилардилар.
— Ойинг дуо қилгани учун ўлдиришга қўлинг бормадими? Шунақа кўнгилчан ойимчахон бўлиб қолувдингми? Хўш, нима учун гум қилиш керак экан, биласанми?
— Йўқ...
— Нима учун Маҳмуднинг ўзига айтмадинг дардингни?
— Гапларини дарров қайтара олмадим.
— Энди мен даллоллик қилайинми?
— Сиздан маслаҳат сўраб келдим.
— Мен ҳам йўқот, десам-чи? Ё йигитларимга айтсам-чи?
— У ёмон одам эмас, гуноҳи бўлса кечириш мумкинмасми?
— Сен бола, менга ақл ўргатма. Бор, жўна, турқингни кўрмай. Маҳмудга бориб айт, «Мен ҳезалак бўлиб қолганман», де.

Хумкалла қўлидаги умид чиннисини тушириб синдирган ночор одам ҳолида ўгирилиб бир-икки қадам қўйган эди, Кесакполвоннинг амри эшитилди:
— Тўхта! Майли, сазанг ўлмасин. Дўхтирни Оқтеракдаги жойга олиб борасан. Бехит бўлсин. Қани, гаплашиб кўрай-чи.

Хумкалла таъзим қилиб, миннатдорчилигини изҳор этган бўлса-да, Кесакполвоннинг бирдан юмшаб қолиши кўнглида шубҳа уйғотди. Шу боис кўчага чиққач, бир неча нафас ҳаракатсиз турди. «Бекор келибман, — деб ўйлади у. — Ҳеч кимга айтмай қочириб юборсам бўларкан. Бунақа зўр дўхтир Масковга борсаям хор бўлмайди, нонини топиб ейди. Ҳали ҳам бўлса шундай қилсаммикин? «Бордим, йўқ экан, тополмадим», десам-чи?» Хумкаллага ўзининг шу фикри маъқул келиб, машина томон юришдан аввал одати бўйича атрофга аланглаб олди. Ўзидан икки қадам нарида тиржайиб турган йигитга кўзи тушгач, шаштидан қайтди. «Булардан энди қутулиб бўлмайди. Ҳиротдан бўлса ҳам топишади. Ҳозир изимга тушишади. Энди қочириб бўлмайди. Иш атала бўлди. Оқтеракка олиб борай-чи, ҳарҳолда у ер одам ўлдирадиган жой эмас...» Хумкалла аниқ бир қарорга келиб, машинасига ўтирди.

2

Шаҳарнинг кунботар томонидаги этакдан бошланувчи Оқтерак қишлоғининг чойхонаси кечаю кундуз очиқ бўлади. Бу ерда истаган одам истаган пайтда чойхўрлик, ҳамён кўтарса ошхўрлик ҳам қилиши мумкин. Ҳовуз лабидаги мажнунтолнинг чилвир сочлари остига қўйилган иккита темир сўри кун бўйи қишлоқ қариялари билан банд бўлади. Текин чой-нонга, баъзан ошхўрлар ҳиммати билан узатилиб турувчи ошга ўрганган қариялар ҳожатхона ёнидаги йўлак қайси уйга олиб боришини, у ерда қандай савдолар бўлишини фаҳмлашса ҳам, бировга чурқ этиб оғиз очишмайди.

Кузнинг совуқ нафаси сезилиб қолгани учунми, сўрилардан бири бўш, иккинчисида эса беш қария ёнбошлаб олиб, мудрарди. Кесакполвон уларга бир қаради-ю, салом бермай, ҳожатхона ортидаги уйча томон юрди. Бу хона ҳам бошқаларидан айтарли фарқ қилмайди. Жиҳозларига зирага тўйинган ошнинг, ёғ, ароқ, сигарет тутунининг ҳиди сингиб кетган. Бошқа хоналар фақат кундузи гавжум бўлса, бундагилар туну кун уйғоқ, ҳамиша сергак. Ўчоқбошидаги бир қозонда фақат шу хона эгалари учун эртаю кеч турли таомлар қайнаб туради.

Бу ер Кесакполвоннинг таъбири билан айтганда — «қозихона». Асадбек «Бу ҳунарингни ташла», деб буюрган бўлса-да, у «тарки одат — амри маҳол» дегандай билганидан қолмайди. Кесакполвон жавобгарларнинг мўлтиллаб қарашларини, йиғлашларини, тавбалар қилиб эмаклашларини томоша қилишни ёқтиради.

Кесакполвоннинг ўзигагина тобе бўлган бу «қозихона» гавжум эди. Қозилик вазифасини адо этаётган йигит ҳожаси кириб келиши билан ўрнидан бир қўзғолди-ю, «давом этавер» деган ишорани кўриб, жойида қотди. Қош-кўзлари қоп-қора, соқоли ўзига ярашган бу йигитни кўчада кўрган одам тақводор, имон эгаси деб ўйлайди. Бу кўриниш, бу алдамчи соқол кўпчилик фикрини чалғитади. Айниқса, бу «қози» бошига оқ ҳожидўппи кийиб олсами, бас, унинг сўзларини даъвогарлар ҳам, жавобгарлар ҳам шариат ҳукми сифатида қабул қилаверадилар. Тили ҳали имон калимасига келмаган, пешонаси ҳали саждага бормаган бу йигитни «қози»ликка Кесакполвоннинг ўзи тайин этган, Ҳалимжонни синаб беришни ҳам айнан шунга топширган эди.

Кесакполвоннинг мўлжалича Хумкалла табибни бу ерга ярим соатдан кейин бошлаб келиши мумкин эди. Шу боис ишнинг «белига тепмай», якунланишини кузатмоқчи бўлди. «Қози»га яқин ўтирган, кийимлари йиртилиб, қовоғи кўкарган йигитга қараб, «айбдор» шу эканини фаҳмлади. Турли ёшлардаги тўрт кишининг ташқи кўринишларидан мусофир эканликларини англамоқ мумкин эди. Даъвогарларнинг ёши улуғроғи эшикдан кириб келган кўримсиз гавдали, эти устихонига ёпишган, қалдирғоч мўйловли Кесакполвонга бир қараб олди-ю, «еътибор беришга арзигулик одам эмасга ўхшайди», дебми яна «қози»га ўгирилиб, гапини давом эттирди:
— Ёшулли, бу манғлайи қора пулимизни, поезд паттасининг ҳақини ҳам тўлаши керак. Сиз ундириб беринг, ёшулли, биз сизни инжитмаймиз.
— Бекорларни айтибсиз, бир тийин ҳам бермайман, — деди қовоғи кўкарган йигит, ўжарлик билан.
— Бермасанг, терингни шилиб оламан, манғлайи қора! — деб бақирди даъвогар.

«Қози» уларни тинчитиш учун столни муштлади:
— Овозларингни ўчир! Мен сўрайман, сен эса жавоб берасан, — деб жавобгарга қаради: — Демак, диспетчернинг хонасида чой ичиб чиқдингми?
— Ҳа, айтдим-ку?
— Жавоб бер, маҳмаданалик қилма.

Бу саволга яқингинада жавоб қайтарган йигит Кесакполвон учун сўроқ атайин такрорланаётганини фаҳмламади. Аксинча, қайта сўроқ замирида бир шумлик ётибдимикин, деб хавотирланиб, довдираган ҳолда жавоб берди:
— Трамвайим чет йўлда турувди. Қарасам, эшиклари очилиб қолибди. Булар бемалол жойлашиб ўтиришибди. Бир киши «Шу қариндошларимни вокзалга олиб бориб қўясан, рози қилишади», деди.
— У бизарнинг қариндош эмас, уни танимаймиз. У сенинг ҳамтовоғинг, — деди даъвогар. — Унга йўлкирани нақд санаб бердик. У «Трамвайчи ошнам, бир оғиз айтсам, ўн беш минутда бирон ерда тўхтатмай ғир этиб элтиб ташлайди», деди.

Бу гапни эшитиб, жавобгар ҳазин жилмайди:
— Эси жойидами буларнинг. Трамвайни тўхтатмай ҳайдаб бўларканми? Олдиндаги трамвайларнинг тепасидан учиб ўтаманми?
— Чалғима, бўладиган нақд гапни гапир, — деди «қози».
— Ишим охирлаб қолувди. Пул берса тешиб чиқмайди, олиб бориб қўя қолай девдим. Қайрилишга етганда тўхтаб, пулни бериб қўйинглар, дедим. Бунақалар трамвайга чиққанида мард, манзилига етганида тирриқлик қилишади. Ўйлаганимдай бўлди: пулни шеригингга бердик, деб ғирромлик қилишди. «Менинг ҳеч қанақа шеригим йўқ», десам ҳам ишонишмади. «Агар пулни бермасаларинг бошқа ёққа қараб бурвораман», десам ҳам кўнишмаганидан кейин трамвайни шартта паркка қараб ҳайдадим. Кейин мени дўппослаб қолишди. Мени деб поездларига кечикишганмиш.
— Ёшулли, сиз буни эмас, мени тингланг! Бу манғлайи қоранинг шериги бор. Бизар поезднинг паттасига куйдиқми, бу бирми? Бизар бозордан қолдиқми, бу иккими? Ана шунинг жаримасини тўласин.

«Қози» ўз ишига пухта бўлса-да, ҳожасининг мартабасини иззат қилиб «сиз буюринг», дегандай қаради. Кесакполвон унинг савол назарини эътиборсиз қолдирмай даъвогарни сўроққа тутди:
— Шеригига қанча пул берувдиларинг?
— Ўн сўм сўровди, аммо учга ризо бўлиб эди, — деди даъвогар унга ўгирилиб.

«Бу қанақа гўл одам ўзи, — деб ўйлади Кесакполвон. — Шошиб турган одам ҳам трамвайни кира қиладими?»
— Бу хом иш, — деди Кесакполвон масалага якун ясаб. — Пулни кимга берган бўлсаларинг, ўшани топиб келларинг.
— Ёшулли, сиз ҳақиқат қилмадингиз, — даъвогар ўрнидан туриб, қўлини пахса қилди: — Биз буларни танимасак. Шаҳарни билмасак...
— Ўтир, — деди Кесакполвон, унга ўқрайиб. — Сен менга қўлингни пахса қилма! Онангнинг уйимас бу. Неча кишилашиб урдиларинг буни?
— Бизми?.. Бир-икки туртдик-да.
— Ўзинг айт, неча киши урди сени?
— Еттита эди.
— Бекордан-бекор урганларинг учун ҳар бир киши бўйнига икки юздан, жаъми бир минг тўрт юз берасанлар.
— Биз берамизми? — деди даъвогар ажабланиб.
— Олдин милисага ҳам боришган, — деди «қози» масалага аниқлик киритиб. — Гувоҳлар ҳам бор...
— Э, ҳали шунақами? Унда ҳисобга тўғри қилиб, икки мингни санаб беришсин-у, қораларини ўчиришсин. Бошқа гап йўқ!
— Ёшулли, сизлар адолат қиласизлар, деб эшитган эдик?
— Бу адолат бўлмай нима?
— Биз тўламаймиз. Милисага арз қиламиз.
— Милисага бориб овора бўлмайсан. Милисанинг ўзи ўлигингни олиб кетади, — деди «қози» совуқ оҳангда. Жавобгарнинг довдираганини кўриб қўшиб қўйди: — Уч-тўрт кундан кейин зовур ёқасида қулоқ-бурунларингни итлар ғажиб кетганидан кейин топишади.

Бу гапни эшитгач даъвогарлар бир-бирларига мўлтиллаб қараб қолишди. Назарларида уларнинг қулоқ-бурунларини ҳозирнинг ўзида итлар ғажиб ташлагандай бўлиб, этлари сесканди.
— Ёшулли, адолат қилинг, — деди шу пайтгача гапга аралашмаётганлардан бири. — Дуруст, биз милисага бормасмиз, бу ағажонга ҳам даъвойимиз йўқтур. Ижозат этинг, юртимизга кетайлик.
— Бу ерда ҳукм битта бўлади. Сенинг даъвойинг бўлмаса, буники бор. Пулни тўлайсан, тамом! — деди «қози».

Кирасолиб ишни бузган қалдирғоч мўйловли бу кишидан нажот тилаб мўлтиллаб қарадилар.
— Бизнинг бунча пулимиз йўқ, — деди ҳозиргинада қўлини пахса қилиб гапирган даъвогар.
— Пулинг бўлмаса молинг бор. Шаҳарда қариндошларинг бор, ошна-оғайниларинг бор, — деди Кесакполвон. — Сен бир соатда пулни олиб келасан. Шерикларинг шу ерда ўтиради.
— Люкс хонамиз бор, — деди «қози», — бир соатда келмасанг, ҳар соатига яна мингдан қўшилади. Соат ўн иккигача етиб келмасанг, шерикларингдан умидингни уз. Ўзингни эрталаб ўзимиз қидириб топамиз.

Бу гапдан кейин даъвогарлар ўринларидан туриб қочишга шайланишган эди, орқада турган йигитлардан биттадан мушт еб, масала узил-кесил ҳал бўлганини англадилар. Даъвогарларнинг учтаси ташқаридаги ҳужрага қамалиб, биттаси пул топиб келгани кетгач, Кесакполвон «қози»га қараб:
— Бунинг ҳақини бериб юбор, — деди.

«Қози» чўнтагидан пул чиқариб санади-да, жавобгар йигитга узатди:
— Омадинг чопиб қолди, ма, ол, — деди ҳиммат қилиб.
— Керакмас, пул керакмас, шулардан қутқарганларингиз учун раҳмат сизларга, — деди йигит пулдан кўзларини олмай.
— Сенинг ҳақинг бизга ҳам керакмас, — деди Кесакполвон. — Олавер, уст-бошингни тузат. Йигит бўлсанг, бундан кейин уч сўмга паст кетма.

Ҳозиргина бир балога мубтало бўлишдан қўрқиб ўтирган йигит ишонқирамаган ҳолда бир пулга, бир «қози» га қараб, қўлини чўзди.
— Ҳеч кимга айтмайман, — деди миннатдор оҳангда.

Бу гапдан «қози»нинг энсаси қотди.
— Хоҳласанг радиода гапирмайсанми! Бор жўна, қип-қизил тўнка экансан-ку?!

Йигит қайта-қайта раҳмат айтганича шошилиб чиқиб кетди.
— Қўйиб берганингизда бу тўнканинг елкасига ҳам бир-икки сўм илардим, — деди «қози».
— Бунинг нимасига иласан, уч тийинлик патта сотиб кун кўрадиган бола бўлса. Пули йўқлигидан уч сўмни талашиб калтак еб юрибди-да. Анави гўлларни жазолаш керак. Иккинчи лаллайиб юрмайдиган бўлишади. Сен энди йигитларингни олиб ташқарида кут. Бир одам келади. Ҳушёр бўлларинг. Яккама-якка гаплашишим керак.
— Дастурхонни янгилайми?
— Ҳа. Сал одамбашара қилиб қўй. Ўтирган жойларинг молхонага ўхшайди. Одаммисанлар ё молмисанлар?!

Кейинги гапини худди Асадбекка ўхшаб айтди. Тартибни яхши кўрадиган Асадбек дуч келган жойларда ўтиравермасди. Бирон-бир чойхонага боргудай бўлса ҳам иркит кўрпачалар, ёғ томган шолчаю дастурхонни кўргач, бир зум қараб турарди-да, сўнг индамай изига қайтарди. Кесакполвонга эса фарқи йўқ эди. Чарчаган бўлса, иркит кўрпачага ҳам ёнбошлаб олаверарди. Унинг ҳозирги танбеҳи қози учун янгилик бўлса-да, «нозикроқ одам келади шекилли», деб ўйлаб, ижрода иккиланмади. Бир зумда дастурхон алмаштирилди. Патир нонлар, мева-чева... шунга яраша ичимлик билан безалди. Худди шуни пойлаб тургандай остонада аввал Хумкалла, сўнг кўзларида ҳайрат ва хавотир зоҳир бўлган табиб кўринди.

Хумкалла табибни «бир оғир касал бор, кўриб қўйинг», деган илтимос билан бошлаб келган эди. Машина чойхона ҳовлисига кириб тўхтагач, табиб унга ажабланиб қаради.
— Орқадан яқин йўл бор, у ёққа мошина ўтолмайди,— деди Хумкалла унинг савол назарига жавобан.

Табиб бир нимани сезди-ю, аммо қайтишга истиҳола қилиб, эргашди.

Табиб Хумкаллани танирди, аммо нима иш билан шуғулланишини билмасди. Агар биров унга «Шу хумкалла Асадбекнинг одамларидан» деса, ишонмай кулган бўларди. Лекин унинг устидаги кийим, тагидаги машина бу одамнинг анойилардан эмаслигини билдириб турарди. Табиб уни касалхонада бир неча бор кўрган, аммо айтарли эътибор бермаган эди. Онасини олиб кетгач, икки-уч ой кўринмади. Кейин кутилмаганда пайдо бўлиб, тугунча узатди-да:
— Ойим сизга атаган эканлар, — деди.
— Ойингиз... тузукмилар? — деди табиб.
— Ўлдилар. Охирги куни ҳам сизни дуо қилдилар.
— Касални сал ўтказиб юборган экансизлар, — деди табиб ўзини оқлаш мақсадида.
— Ойим «Худонинг хоҳиши шу», дедилар...

Тугунчада бир жойнамоз, кўйлак, озгина пул бор эди...

Шундан кейин ҳам Хумкалла икки-уч келиб хасталанган танишлариникига олиб борди. Шу боис ҳам унинг бугунги ташрифи табибда ҳеч қандай шубҳа уйғотмаган эди.

Ҳожатхона ёнидан ўтаётганида шу томонга тикилиб турган йигитларга кўзи тушиб, хавотири уйғонди. Остона ҳатлаб ичкари кириши билан рўпарада ўтирган қалдирғоч мўйловли одам «келинг, дўхтир!» деб қўйгач, шу ерда бир бало бўлишини фаҳмлаб, оёғида қалтироқ турди. «Ким бу ўзи? — деб ўйлади у. — Биттаси «Ҳеч кимга айтмайсан», деб қасам ичирди. Ғилайи келиб «жон керакми, қасам керакми?» деб кекирдагимни суғуриб олай деди. Буниси қайси томон?»
— Ўтиринг, дўхтур, — деди Кесакполвон, — касал кўравериб эзилиб кетгандирсиз. Соғ одамлар билан ҳам би-ир отамлашинг, — Кесакполвон шундай деб Хумкаллага қараб қўйган эди, у аста изига қайтиб, эшикни зичлаб ёпди. Табиб ўтириши билан Кесакполвон қўлига пиёлани олди-да:
— Оқиданми ё қизилиданми? — деб сўради.
— Раҳмат, мен ичмайман, — деди табиб.
— Нима бало, сўфимисиз? Дўхтир зотининг ичмайдигани бўлмайди, — у шундай деб пиёлаларга коняк қуйди. — Қўрқманг, мен сизни ўлдириш мақсадида чақирмадим.
— Қўрқаётганим йўқ... — деб гап бошлади табиб. Аммо Кесакполвон уни гапиртирмади.
— Қани, олайлик, олдирмайлик. Йигит ўлмайлик, бало кўрмайлик.

Косагул пиёлани бир кўтаришда бўшатиб, тамшаниб қўйгач, гапни чувалаштирмай ичавергани маъқул эканини фаҳмлаб, пиёлани қўлига олди. У ичиб бўлгунича Кесакполвон кутиб турди, сўнг яна қуйди-да:
— Жуфт бўлсин, — деб изоҳ берди.

Жуфтдан сўнг тоқ, кейин яна бир карра жуфт бўлиб, табибнинг юзларига қизиллик югургач, Кесакполвон муддаога ўта бошлади:
— Очиғини айтсам, дўхтир зотига тобим йўқ. Ўн йилми ё ўн беш йилми олдин биқиним оғриб дўхтирхонага борувдим. Биттаси иккинчисига рўпара қилди, униси ўнинчисига юборди, хуллас, отнинг калласидек қоғозга касалларимни ёзиб беришди. Етти-саккиз хил касалим бор экан. Вей, томи кетганлар, шунча касал ўликда ҳам бўлмайди, дедим. Берган дориларининг биттасини ҳам ичмадим. Мана, юрибман, ўлмай.
— Энди дўхтир текшириб кўриб, борини ёзади-да.
— Ҳе... ёзса ёзиб бўксин. Сиз... мени танийсизми?
— Йўқ.
— Хумкалла... кимлигимни айтмадими?
— Бир касални кўриб қўйинг, девди.
— Ҳа... ўша касал — менман.
— Сиз?
— Ҳа, мен. Менинг битта касалим бор. Ким мендан сир яширса, ўшанга қизиқавераман. Билиб олмагунимча қўймайман. Хўп, мени танимасангиз Асадбек деган одамни эшитганмисиз?
— Эшитганман, — табиб шундай деб Кесакполвоннинг ўткир нигоҳига дош беролмай кўзларини олиб қочди.
— Эшитганмисиз ё танийсизми?
— Танийман.
— У-чи? У ҳам сизни танийдими?
— Билмадим. Танисалар керак.
— Танисалар керак?.. Ҳм... мен ҳам таниса керак, деб ўйловдим. Маҳмуд-чи, уни ҳам танийсизми ё эшитганмисиз?
— Нима учун сўраяпсиз?
— Ҳозир айтдим-ку, шунақа касалим бор, деб. Агар тўғрисини айтмасангиз касалим қўзиб, тутқаноғим тутиб қолса, чатоқ. Жавоб беринг!
— Танийман.
— Қанақасига танийсиз? Ким таништирган?
— Кўриб қўйганман.
— Кимни? Маҳмуднинг онасиними?
— Йўқ. Онасини танимайман.
— Кимни кўргансиз? — Кесакполвон энди таҳдид оҳангига ўтди. Бу оҳанг табибга тутқаноқнинг бошланишидай туюлиб, бир сесканди.
— Кимни деяпман?
— Айтолмайман... Қасам ичганман.
— Менга айтишинг мумкин, — Кесакполвоннинг сенсирашга ўтиши ўзи айтган тутқаноқнинг бошланишидан дарак эди. Табиб бу ҳам ғилайга ўхшаб кекирдагимга чанг солмасин, деб қўрқиб, айбдорларча секин деди:
— Асадбек акамни...
— Асадними? Уни нимага кўрасан? Касалми?
— Айтолмайман... қасам...
— Қасам-пасамингни қўй. Мен Асаднинг энг яқин ошнасиман, мен билишим керак. Гап иккаламизнинг орамизда қолади.
— Биттаси ҳам шунақа девди, айтиб қўйибди.
— Ким?
— Танимайман... гавдали бир ғилай одам.
— Шомилми?
— Отини билмайман. Келасолиб томоғимдан бўғди. «Асадбекнинг касалини айтасан», деб туриб олди. «Айтмасанг ўласан», деди.

«Ҳа, бу — Шомил, — деган қарорга келди Кесакполвон. — Бу хунаса қаердан ис олди? Асадбекнинг касали билан нега қизиқди?»
— Айтдингми?
— Ҳа.
— Қасамни бузган бўлсанг... ўлишинг керак.
— Айбим нима?
— Ғилайга нима дединг?
— Касалини айтдим.
— Қанақа касал? Шамоллаганми?
— Йўқ... касаллари жуда жиддий... рак. Ўпкаларида.
— Нима?! — Кесакполвон сапчиб туриб, стол атрофини айланиб ўтди-да, табибга яқинлашгач, ёқасига чанг солиб бир-икки силкиди: — Нима деяпсан, хунаса! Йўталса рак бўлаверадими?!
— Текширдим. Красноярда ҳам қаратишган экан.

Красноярни эшитиб, табибни қўйиб юборди. «Отамни зиёрат қиламан», деб кетувди, дўхтирга текширтиргани борган экан-да?» деб ўйлади. Жойига қайтиб боришга мадори етмаётгандай табибнинг ёнига ўтирди. «Асадга нима бўлди? Нима учун дардини мендан яширди? Нима учун бу сирни Маҳмуд билиши мумкин-у, мен бехабар қолишим керак? Дўхтирни сир очилмасин, деб ўлдиришмоқчи бўлишдими? Ё Ғилайга айтиб қўйгани учунми? Ғилай билдими, демак, Ҳосил ғимирлаб қолган. «Рак бўлса, эрта-индин ўлади», деган. Ҳосилнинг-ку, муддаоси аниқ. Маҳмуд-чи? Мендан кўрган яхшиликларига жавоби шуми? Чувринди дегани чувриндилигича қоларкан-да, а? Асаднинг ўрнига иштаҳа сақлаяптими? Менга хўжайин бўлмоқчими?.. Ебсан!»

Кесакполвон кейинги сўзни беихтиёр овоз чиқариб айтди. Табиб унинг нима деганини англамади:
— Гапингизга тушунмадим?

Кесакполвон чалғиган хаёлини бир ерга жамлаб, табибга қаради:
— Балки адашаётгандирсан? Красноярдагилар ҳам янглишишгандир?
— Бўлиши мумкин...
— Бўлиши мумкин? Унда нима учун ваҳима қиласан?
— Шунга асос бор-да. Узил-кесил хулоса чиқариш учун касалхонада ётишлари керак. Ўпкадан сув олсак, кейин аниқ бўлади.
— Нимаси аниқ бўлади?
— Агар сув тоза чиқса, бошқа гап, қонли, йирингли бўлса, унда... чораси қийин...
— Нега ётқизмадинг?
— Кўнмадилар.

«Овоза бўлишдан қўрққандир», деб ўйлади Кесакполвон.
— Шу соҳадаги дўхтирларнинг зўри сенмисан?
— Мендан зўрроқлари ҳам бордир... лекин... хафа бўлманг-у... ҳозир чораси йўқ, улар ҳам ҳеч нима қилишолмайди.
— Қўлларингдан ҳеч бало келмаса, нима қилиб юрибсанлар дўхтирман, деб керили-иб? Бировнинг эрта-индин ўлишини айтиш учун ҳам дўхтир бўлиш керакми? Э, хунасаи давронлар! — Кесакполвон хуморидан чиққунича сўкинди. Табиб халқ оғзаки ижодини ўрганаётган олимдай бошини эгиб, сукут сақлаганича тоқат билан тинглади.
— Хўп, — деди Кесакполвон сал ҳовуридан тушгач,— дўхтирларинг эплолмабди, янги чиққан экстрасенслар-чи?

Табиб бош чайқади:
— Улар лўттибоз-ку!
— Тузатишаётганмиш-ку? Одамлари бормиш-ку?
— Мен у лўттибозларга ишонмайман. Асаблари заиф одамларни лақиллатишади.
— Тузатиш ўзингнинг қўлингдан келмайди, лўттибозларга ишонмайсан. Бир одам шунақа бўлиб ўлиб кетаверадими? Билиб қўй, Асад ўлса, сен ярим кун ҳам яшамайсан!
— Нимага ахир... мен...
— Латтачайнарлик қилма. Бу ҳукмни мен чиқармаганман. Бекор ҳам қилолмайман. Жонингни сақлашнинг йўли битта — Асадни тузатасан.
— Ётишлари керак. Нур бериб кўриш керак. Дори-дармонларни айтганман.

Кесакполвон «Асадни тузатасан» деб буюришга буюрди-ю, «Бу энди унга қандай рўпара бўлади, ўлиши керак-ку?» деб ўйлади.
— Сен тузатолмайсан. Дўхтирнинг зўрини топ, — деб буйруғига ўзгартиш киритди.

Табиб ўйланиб туриб, уч кишининг исмини айтди. Кесакполвон уларни бирма-бир суриштираётганида иккиланган ҳолда яна бир исмни тилга олди.
— Ким у? — деб сўради Кесакполвон.
— У дўхтирмас, кекса бир табиб. Чорасиз касалларни ҳам тузатар эмиш. Лекин... ҳаммани ҳам қабул қилавермас экан. Ҳушига келмаган одамни яқинлаштирмас эмиш. Мен уни кўрмаганман. Эшитганман. Балки ўша...
— Табиб дедингми? Ҳа, ана энди ўзингга келдинг. Дўхтирингдан шу тузук. Сенлар ўликнинг қорнини ёриб, кейин касалини айтасанлар. Табиб томир ушлаб туриб билади. Шуни топамиз. Сен эса... Ҳайронман, сени нима қилсам экан... Сен қасамни бузгансан. Очиғини айтайинми — жонинг Хумкалланинг қўлида. У сени ҳурмат қиларкан. Жонингни сақлаб қолмоқчи. Майли, мен розиман. Сен эса ўлмай десанг, унинг чизган чизиғидан чиқмайсан. Ёт деса — ётасан, тур деса — турасан. Одам зотининг кўзига кўринмайсан, тухум босиб ётасан, тушундингми? Биз чиқарадиган ҳукм билан ҳазиллашма. Энди боравер. Хумкаллага айт, кирсин.

Табиб Асадбекни текшириб, касалининг рак эканини айтганида Маҳмуд «Бу сирни биров билса — ўласан» деб огоҳлантирган эди. Табиб буни ўша онда шунчаки бир пўписа сифатида қабул қилган эди. Қасами ҳам астойдил эмас, уларнинг кўнглини тинчитиш учунгина эди.

Бу оми банда ислом фарзанди учун бундай қасам ичмоқ дуруст эмаслигини билса эди, тилига эҳтиёт бўларми эди. У қасамини унутаёзган ҳам эди. Ғилай келиб ҳиқилдоғидан олганда ўт билан ўйнашаётганни фаҳмлади. Ҳозир Кесакполвоннинг гапларини эшитиб, боши узра қандай абри бало тўпланиб қолганини идрок этди. Чўчқанинг озғини, негрнинг малласи бўлмаганидек, бу тоифа одамларнинг меҳр-шафқати йўқлигини шу пайтга қадар билмас эди. Табиб бу ердан эсон-омон, айни чоқда жони омонат ҳолда чиқиб кетажагини англаб ўрнидан турди. Ҳолдан кетиб, титраётган оёқларининг ўзига бўйсуниши қийин бўлди. Уч-тўрт қадам юрмай, Кесакполвоннинг овозини эшитиб, тўхтади.
— Агар... ҳеч чораси топилмаса... қанча яшайди?
— Аниқ айтолмайман... узоғи билан беш ойга борар. Яна Худо билади. Агар қаралмаса, тезлашиб кетиши ҳам мумкин.
— Агар яна биров суриштириб қолса, рак эмас, дейсан. Ҳиқилдоғингдан олса ҳам, «беш-олти йил яшайди», дейсан. Тушундингми, энди бор, жўна!

Табиб чиққач, Хумкалла кириб келди.
— Сени қарздор қилиб қўйдим, — деди Кесакполвон унга тикилиб. — Бўйнингга иккита жон илинди.
— Раҳмат акахон... лекин... сал тушунмадим?
— Тушуниш учун калла керак. Дўхтирни ўлдирмайлик, дедингми? Бу битта жонми? Энди бунинг ёнига ўзингникини қўш. Сен хўжайинингни сотдинг, айтган ишини бажармадинг. Маҳмудга айтсам, дўхтиринг билан битта гўрда ачомлашиб ётармидинг?
— Раҳмат акахон, энди тушундим. Яхшилигингизни унутсам, тил тортмай ўлай.
— Тўхта, ўлмай тур. Аввал қарзингни уз. Сен менга Маҳмуднинг ҳар бир айтган сўзини етказасан. Ҳар бир босган қадамини кузатасан. Билдингми?
— Билдим, акахон.
— Дўхтирни нима қиласан?
— Ишидан жавоб олса...
— Хўжайининг жуда ақлли-ку, сенга ўргатмаганми? Калла борми, ўзи? Сенга уни ўлдир, дебмиди? Ишхонасидан рухсат олиб, кейин ўлдирасанми? Ҳе, аҳмоқ! Ҳозирнинг ўзида уни пана жойга яшир. Ишхонаси ҳам, бола-чақаси ҳам билмасин. Йўқолди, деб қидираверишсин. Бир ойми, бир йилми, қанча керак бўлса, шунча ўтиради. Хоҳламаса, юраверсин, сен бўлмасанг, бошқалар ўлдиришади. Орқасидан ўзинг ҳам жўнайсан. Хўжайинингга «Ўлдириб, сувга ташладим», дейсан. Мен билан бехит учрашиб турасан.

Хумкалла ишнинг ўзи ўйлагандек якунланганидан қувониб, бир иршайди-да, янги ҳожасига қуллуқ қилди.

3

Хумкалланинг «осон қутулдим», деб қувониши бежиз эмас эди. У ўз ҳожасининг айрим айбдорлар гуноҳини кечиб юборганини эшитган, аммо «Кесакполвон фалончига марҳамат қилибди», деб қулоғига чалинмаган. Хумкалла аниқ билади: янги, пинҳоний ҳожаси шунчаки пўписа қилмади — хоҳласа, табибга қўшиб ўлдиртириб юбориши ҳеч гап эмас. Хумкалла фақат бир нарсани ажрим қила олмади: у-ку, ўз ҳожасига хоинлик қилиш эвазига жонини сақлайди. Табиб-чи? Табибга нима сабабдан марҳамат қилди? Наҳот табиб унинг биргина илтимоси билан тирик қолган бўлса? Бу нодон банданинг ожиз ўйига келган фикрни қаранг: ўзига бино қўйган Кесакполвон беўхшов бир махлуқ сифатида кўрувчи шу одамчанинг илтимосини инобатга оларканми?..

Кесакполвон табибдан «зўр дўхтирлар»нинг номини сўраб олган бўлса-да, уларга мурожаат қилиш нияти йўқ эди. Чунки у бошқа табиб жалб этилса яна битта гувоҳ кўпайишини, шаҳарга овоза тарқалишини билади. Кесакполвон «керак бўлиб қолса шу табибнинг ўзини ишга солавераман», деган мақсадда унга илтифот кўрсатган эди.

Ҳозирги фикри ўзига-да маъқул келган Кесакполвон бир неча нафас ҳузур қилди. Сўнг нимадир юрагини сиқиб кела бошлади. Омбурнинг икки жағи каби сиқаётган ўша «нимадир»нинг бир томони гумон, иккинчиси хавотир эди. Гумони — Чувринди, хавотири— Асадбек. Қайси масалада бўлсин, Асадбек Чувриндининг маслаҳатига қулоқ тутса, Кесакполвон ғашланарди. Бу ғашликни баъзан ҳасад либосига ўраб, кўнглининг қоронғу бурчагига тўпларди.

Кўнгилнинг бу қора бурчаги йиллар давомида лим-лим тўлган, энди вулқон каби отилишга етилиб қолган эди. Хумкалланинг ташрифи вулқон отилиши фурсатининг яқин келганидан бир дарак бўлди.

«Мамлакати» бу қадар қудрат касб этмаган дамларда, тетапоя чоғларида, милитсиянинг бир чертишида кунпаякун бўлиши мумкин пайтларда, дудаманинг ўткир тиғи устида яшаган кезларида Асадбек Кесакполвоннинг маслаҳатларига қулоқ соларди. Агар Кесакполвон аҳмоқ бўлса, бемаъни маслаҳатлар берса бу «мамлакат» қаддини ростлаб олармиди? Бу Чувриндига қачон ақл бита қолди? Кесакполвонни нари суриб, доно вазир мартабасига қачон ўтириб олди?

Ҳар бир гуноҳкор банда каби Кесакполвон ҳам ўз ақлу фаросатига беҳад юқори баҳо беради. «Асадбек менинг маслаҳатларимсиз хору зор бўларди» деб ҳам ўйлайди. Лекин берган маслаҳатларининг юздан тўқсони (балки кўпроғи) Асадбекнинг қулоғига кирмагани, Асадбек бу «мамлакат» пойдеворини ўз ақли билан бунёд этганини тан олгиси келмайди.

Авваллари абри найсон сингари лахтак-лахтак сузиб юрган булутлар энди бирлашиб, ваҳимали қора тусга беланган, ҳадемай жала қуйиши, сел келиши кутилмоқда эди. Осмон булутлари раҳмат ёмғирларини ёғдирган чоғда, Кесакполвонда мавжуд алам булутлари оловли қаҳр ёмғирини ёғдиришга шайланмоқда эди.

Кесакполвон бир қисм ғашликларини кўнглининг қора бурчагига яширса, бир қисмини аждаҳо ўт пуркагандай сочиб турарди. Унинг бу ҳолати Асадбек учун кинодаги аждаҳо каби эди: бу аждаҳо оловини «ҳадеб жириллайверма» деб бирпасда ўчириб қўя қоларди.

Эртакдаги уч оға-ини каби улар уч йўл қаршисига келиб қолган эдилар. Асадбек борса-келмас йўлига рўпара келиб турибди. Маъмурлик йўли тор, унга бир кишигина сиғади. Чувринди отни қамчилаб шу йўлни эгалламоқчими?заҳринг менга ўтмайди, бола! Асадни Асадбек қилган сен эмас, мен бўламан. Кеча кавушингни судраб, поездга осилиб келиб, бугун тахтга ўтирмоқчимисан? Тахт анча баландда, бола, чиқаман, деб чотинг йирилиб кетади-я!.. Асад... бекман, деб кериласан-у, аммо ғирт аҳмоқсан. Қиморни ташлаган пайтларингда сени ким боқувди?

Ўн сўм ўмарсам, еттиси сеники эди. Сен е-эб ётардинг. Мен эса сал нарсага қамалиб кетишим мумкин эди. Энди мендан нимани яширасан? Касалингни билсам, тириклигингча кўмиб келармидим?.. Ишонган боланг ажалингдан олдинроқ ўлдирса-чи? Биламан, сен яхши хўжайинсан, итингнинг олдига суяк ташлашни унутмайсан. Менга ҳам нимадир берасан. Лекин сен янглишасан, ошна, мен суякка қаноат қиладиган итинг эмасман. Мен қўлингдаги суякни олиб, кимга лозим бўлса унга ўзим ташлайман. Суяк ғажиш Чувриндига ярашади. Лекин сен ўлишга шошилма, ошна. Мени аҳмоқ қилмоқчи бўлсаларинг, майли уриниб кўраверларинг. Сенинг жонингни олмоқчи бўлган Азроил билан ўзим олишаман. Бир кун бўлса ҳам умрингга умр қўштирмасам юрган эканман...»

Эшик қия очилиб, остонада «қози» кўринди.
— Хумкаллага тилла бердингизми, жа-а оғзи қулоғида, — деди у ялтоқланиб.

Кесакполвон ўзи эрк берган хаёлларини яна ўз жойига жамлаб, занжирлаб, «қози»га қараб заҳарли илжайди:
— Унга берган нарсамни миллион тилла билан ҳам сотиб ололмайди.
— Нима экан у?
— Ё отанг, ё онанг гўнгқарға сен боланинг. Ҳамма нарсага бурнингни тиқаверма, деб неча марта айтганман-а! Ё бурнингни кесиб ташлайми?

«Қози» бу пўписа амалга ошиб қолмасин, деб қўрқибми, дарҳол қўлини кўксига қўйди-ю, бош эгиб мутелик кўринишини зоҳир этди. Кесакполвон унинг таъзимига эътибор бермай пиёлага коняк қуйиб ичди-да, газак қилмай ўрнидан турди. «Қози» итоаткор мулозим кўринишида уни кўчага қадар кузатиб борди. «Лозим бўлса игнанинг тешигидан туяни ҳам ўтказиб юбора оламан», деб катта кетувчи «қози» хўжайиннинг феъли айниб турганини фаҳмлаб, бундай кезларда чоракта гап ҳам ортиқчалигини билгани учун лом-мим демай, барча эҳтиромини таъзим орқали изҳор эта қолди.

Чойхона ҳовлисидаги машина ёнида турган йигитлардан бири орқа эшикни очди. Аммо Кесакполвон ҳайдовчи ўрни томон юрди. Унинг мақсадини англаган ҳайдовчи дарров жойни бўшатди. Кесакполвон «қози»га хайр ҳам демай, эшикни ёпди-да, машинани юргизди. Кузатувчи йигитлар тушган кулранг «Жигули» бетўхтов равишда унга эргашди.

«Қози» кирган вақтда Кесакполвон хаёлини кишанлаган бўлса-да, юрагини қиздираётган ғалаён ўтини ўчира олмаган эди. Бу ўт чойхонадан узоқлашгач, кишанни парчалаб, яна хаёлларига эрк бериб юборди. Машинани ўзи ҳайдашидан мақсади — кўнгли ёлғизликни қўмсаганидан эди. Ҳар бир инсон боласида мавжуд бўлганидек, унда ҳам баъзан шундай ҳол юз берар эди. Аммо у ғофил банда дунёга келганидан бери ёлғиз эканидан бехабар эди.

Тўғри, воҳидлик — фақат Оллоҳга хос. Аммо одамлар орасида яшовчи банданинг самимий дўсти йўқ экан, ўзи Оллоҳдан узоқ, Яратганни ўзига ҳамроҳ билмас экан, уни ёлғиз санаш мумкин. Алқисса, ёлғиз одамгина ёлғизликни истайди. Кесакполвон атрофидаги одамлардан баъзиларини дўст, айримларини мулозим деб ҳисобларди. Лекин жилмайиб турувчи бу дўсту мулозимлар бошга тушган дастлабки бахтсизликдаёқ синовдан ўта олмасликларини у ўйлаб кўрмаган эди. Агар садоқат — дўстлик юраги саналса, Кесакполвон атрофидагиларни юраксиз бандалар деб айтиш жоиздир. Бир донишманд «уруш — ботирни, жаҳл — донони, йўқчилик — дўстни синайди» деган экан. Кўп йиллардан бери йўқчилик нима эканини билмайдиган бу одам учун дўстни синаш имкони ҳам йўқ эди. Унинг Асадбек билан яқинлиги гарчи дўстлик либосида кўринса-да, аслида одам боласига хос самимийликдан йироқ, фақат бир мақсад йўлидаги мажбурий бирлашув эди. Улар шу йиллар ичи тиришиб, тирмашиб тоғ чўққиси томон интилдилар. Йўллари хатарли эди. Чўққига якка-ёлғиз ета олмасликларини билар эдилар. Шу сабабли бир-бирларини ҳимоя қилувчи арқон билан боғланган эдилар. Улар бу арқонни дўстликнинг темир занжири деб фараз қилардилар. Аммо бировлари тойиб бу арқонга осилса-ю, иккинчисининг ҳаёти хавф остида қолса, бу арқоннинг кесилуви тайин эди. Чунки улар «бир киши ўрнига икки кишининг ўлмоқлиги бемаъниликдир» деган ўзларига хос ҳаёт фалсафасига амал қилиб яшардилар.

Чўққига етгунларига қадар улар бу синовга учрамадилар. Бир чўққини эгаллашгач, нарида янада баландроғи кўринганида Асадбек уни эгаллашни истамади. Улар яхши ҳамроҳ бў-лар, деб Чувриндини ҳам чўққига олиб чиққан эдилар. Мана энди Асадбек чўққини ташлаб кетмоқчи. Энди бу чўққи кимга насиб этади? Чувриндигами?

Кесакполвон «чўққидаги тахтга Чувринди даъвогар», деган фикрга келиб, янглишмаганди. Асадбек чиндан ҳам ўрнини Чувринди эгаллашини истарди. Аммо бу икки аъённинг чўққи талашиб, оқибатда иккови баравар қулаши мумкинлигини ҳам сезиб турарди. Шу сабабли кафтдек чўққини иккига бўлиб, ўртадан девор олиб, икки «мустақил мамлакат»га айлантирмоқни ўйларди. Шубҳасизки, Асадбекнинг бу ўйидан Кесакполвон бехабар эди. Билган тақдирида эса бу хом хаёлнинг амалга ошишига йўл қўймаган, «Мен бор жойда Чувринди чувриндилигини қилсин, жойини билсин», деган бўлар эди.

У машинани шаҳарга олиб борувчи йўл қолиб, дала томон беихтиёр бурди. Унинг кўнгли фақатгина ёлғизликни эмас, кенгликни, жим-житликни ҳам истаётган эди. Кенгликни эса даладан топмоқни умид қилганди. Ажабланарли ери шундаки, тор кўнгил даладан паноҳ изламоқда эди. Тор кўнгил ҳеч қачон кенглик билан муроса эта олмаслигини эса у билмасди. Жимликни ҳам даладан истаётганди. У кишанни парчалай олган хаёллари шовқини жим-житликни яқин йўлатмаслигини ҳам билмасди.

Асфалт тугаб, трактор ғилдираклари ўйиб юборган йўл бошлангач, машина бир-икки қаттиқ силкиниб, тўхтади. Изма-из келаётган машина ҳам ўттиз қадамча нарида тўхтади.

Кесакполвон «нима бўлди экан?» деб ўйламади ҳам, тушиб қарамади ҳам. Фақат рўпарасидаги кафтдек кўзгу орқали орқасига бир назар ташлаб қўйди. Аммо узоқ ўтира олмади. Юраги тошиб, ташқарига чиқди-да, машинадаги йигитларга қараб бақирди:
— Ҳў, аммамнинг бузоғи, нимага анқаясан?! — савол қуруқ бўлмасин, деб йигитларнинг оналарини бир сидра «еслаб», «ўқиб ташлагач», сал ҳовури пасайиб, яқинда карамлари йиғиштириб олинган, энди молларга роҳат бахш этаётган дала сари юрди. Бу манзара кўзни қувнатадиган даражада гўзал бўлмаса-да, юрагида жиндек сурури бор одам ўзича таскин топиши мумкин эди. Бундай фазилат улашилганда навбати етмай қолган Кесакполвонга сал нарида безрайиб қараб кавш қайтараётган сигир ёқмади. Энгашиб муштдай тош олди-да, сигирнинг онасига ҳам «муҳаббатини изҳор этиб» отди. Сигир қочмоқчи бўлиб бўйнини бир қайирди-ю, сўнг «ўзинг пачоққина одам экансан, нимага дўқ қиласан, ё шохимга илиб отиб юборайми?» дегандай мўъраб қўйди. Кесакполвон отган иккинчи кесак яғринига теккач, «пачоқ бўлсанг ҳам шайтоннинг жиянига ўхшайсан, сен билан пачакилашмай қўя қолай», дебми, бурилиб нари кетди. Чўчиб қочмай, аста бурилиб кетиши ҳам Кесакполвоннинг ғашини келтириб, учинчи марта кесак отди. Сигир эса пашша қўригандай думини ҳаволатиб қўйиб, секин кетаверди.

Йигитлар қорни ерга тиралиб қолган машинани итариб катта йўлга олиб чиқишгач, Кесакполвон изига қайтиб, ҳайдовчисига қараб бақирди:
— Нега серрайиб турибсан! Ўтир, ҳайда машинани!

Ҳожасининг бундай қилиқларига кўникиб кетган ҳайдовчи ҳам, йигитлар ҳам бир нафасдаёқ жой-жойларини эгалладилар.

Ҳайдовчи шаҳар йўлига чиққунча индамади. Сўнг айбдор одамнинг овозида сўради:
— Қаёққа ҳайдай?

Кимни чақишни, заҳрини кимга солишни билмаётган Кесакполвон унга ўқрайиб қараб:
— Онангникига... — деб сўкинди. Сўнгра тоғ довони ортидаги бир жойнинг номини айтди.

Ҳайдовчи «рост айтяпсизми?» дегудай бўлса, онасию бувилари яна қайта эсланиши мумкинлигини билиб, шаҳарга кирмай, айланма йўл орқали тоғ сари юрди. Довондан ошиб ўтишганида қоронғи тушиб қолган эди. Кесакполвон табиб чол яшайдиган жойни тунда қидириб топиш қийинлигини фаҳмлаб, машинани сой бўйидаги чойхона сари буришни буюрди.

Ёз ойлари туну кун йўловчилар билан гавжум бўлувчи чойхонанинг эгаси барча қатори уларга ҳам лутф кўргазиб кутиб олди-да, «Ташқари салқин, ичкарида ўтира қолинглар», деб пастак уйга бошлади.

Шаҳар томонларда куз борлиққа ҳукм ўтказаётганидан талтаймоқда эса-да, қишнинг барвақт ҳамласига дош беролмаслигини билиб, бу ерларни тезроқ ташлаб қочмоқ ҳаракатига тушган эди. Ярим тунда турган қаттиқ шамол бўғотларга урилиб, увиллай бошлади.

Тонгга яқин қор аралаш ёмғир ёғди. Йигитларнинг бири шу уйда, қолганлари машинада эдилар. Барчалари совқотиб, субҳда уйғонишди-да, чойхоначи билан ҳисоб-китоб қилиб йўлга тушишди. Водийни кесиб ўтиб, табиб чол яшайдиган тоғ ёнбағридаги қишлоққа пешинга яқин етиб келишди

4

Дарахтзорга бурканган қишлоқ осуда, эзиб ёғаётган ёмғир қишлоқ аҳлини уй-уйига ҳайдаган, шағал бостирилган кўчалар кимсасиз эди.

Табиб чол асли бу ерлик эмас. Йигирманчи йилларда жамият васвасага тушиб, «қама-қама», «қулоқ қил», деган касалга учраган дамларда бу бало офати уларни иссиқ уйларидан ҳайдаб чиқариб, шу ерга ҳайдаб келган эди. У пайтларда қишлоқ сал пастроқда бўлиб, «Тўнғизқоя» деб аталувчи бу жойга одамлар яқинлашишни исташмас эди. Узоқдан тўнғизнинг тумшуғига ўхшаб кўринадиган қоя атрофидаги тошлоқ ерда дарахт ўстириш қийин бўлгани сабаблими, қишлоқ паст томонга қараб кенгаяр, бу томонга чиқишни истовчилар эса топилмас эди.

Улар дастлабки йили бир деҳқоннинг каталакдек уйидан паноҳ топишди. Кейинги ёзда шу қояга орқа қилиб бир бостирма солиб, кўчиб чиқишди. Табиблик— чолга ота мерос, тўққиз аждоди табиб ўтгани унга маълум. Боболари Оллоҳнинг бандаларига шифо беришида сабабчи бўлишганини, аммо бу хизматлари эвазига бемордан сариқ чақа ҳам олишмаганини яхши билади. Одамларга холис хизмат қилиш ҳам ота мерос. Бир-икки бемор аввало Оллоҳнинг марҳамати, қолаверса, отасининг илми туфайли соғайгач, уларнинг обрўлари ошди. Шу обрў орқасидан серҳосил ерларга эгалик қилишлари ҳам мумкин эди. Бироқ отаси «Бу ер шу қишлоқ одамларининг ризқи.

Оллоҳ насиб этса, биз ўз ерларимизга кетармиз», деб қоя пойидаги қаровсиз жойни танлаган эди. Табиб чол ўшанда, бола кезлари ҳам бостирма эмас, тузукроқ уй қуриш имкониятлари мавжудлигини биларди. Боболардан мерос қолаётган тиллалар борлигидан ҳам хабардор эди. У туғилиб ўсган қишлоғида данғиллама иморатда эмас, кўримсизгина уйда яшагани, назарга илинарли мол-мулки йўқлиги сабабини кейинроқ, отаси ҳаётдан кўз юмар пайтда билди. Боболари бу юртга бошқа ерлардан келганликларини, охир-оқибат аждодлар юртига қайтишни васият қилганлари, тиллаларни фақат ўша ерларда ишлатишга ижозат этганларидан хабар топди. Бу васият авлоддан-авлодга мерос қолар, ким, қачон боболар ерига қайтажагини билишмаса-да, оила сирига хиёнат қилмас эдилар. Отаси қишлоқ аҳлини ўлимдан қутқариш учунгина хазинадан оз қисмини ишлатган, шунданми умрининг сўнгги кунларида жон беролмай азобланган эди.

Хумкалла бошлаб келган, Чувринди ўлимга ҳукм этган табиб бу чолни кўрмаган, ҳаётини, тарихини ҳам билмас эди. Фақатгина унинг довруғини эшитган эди. Кесакполвонга унинг манзилини айтаётганида «Асадбекка қарамаса керак», деб ўйлаган эди. Ўзини қудрат бобида иккинчи ўринга қўювчи Кесакполвон эса чолни шаҳарга олиб келишига, дўстининг шу чол қўлидан шифо топишига, шу туфайли «Асадбек — Чувринди» битимининг кулини кўкка совуришига амин эди. Қудрат бобида ўзини иккинчи ўринга қўяди, дейилганда биринчи ўринда Яратган қодир Худо туради-да, деб англашингиз табиий. Агар Кесакполвонни назарда тутиб, шундай десангиз, адашасиз. Чунки у «камтарин» банда қудрат бобида ўзидан олдин фақат Асадбекни кўради. Агар «ҳой гуноҳкор банда, аввали Оллоҳ!» десангиз-да, учинчи ўринга тушиб қолишни сира истамайди. Агар шаҳардаги табиб «овора бўлиб бориб юрма, ўша чол сенинг қудратингни бир пулга олмайди, мағрур бошингни эгади, сузмоқчи бўлган шохингни синдиради», деганида тили кесилиши мумкин эди. У чолнинг феълини яхши билмагани учун ҳам бундай жазодан қутулиб қолди.

Чолнинг ҳовлиси гир айлана қўрғон қилиб ўралган, аммо дарвоза ўрнатилмаган эди. Ҳовлининг бир қисмига пастак уйлар қурилган, асосий қисми эса молхона, отхонадан иборат, этакдаги баланд бостирма остида қишлик хашак ғамлаб қўйилган эди. Уйлар олдига икки қатор мевали дарахт экилган, ҳовли ўртаси яйдоқ, тўрт ерга етти яшар боланинг белидек келадиган йўғонликда, бўйи бир ярим қулочли хода кўмилган эди. Тепа қисми одам бошини эслатадиган бу ходачалар отларнинг қозиғи экани, бу хонадонда улоқчи чавандозлар яшашини ҳамма ҳам дарров англайвермайди. Ҳарҳолда Кесакполвон бунақа манзарани илк дафъа кўриши эди. Шу сабабли қайси бир кинони эслаб, бу қозиқлар унга чўқинадиган бутлар каби туюлди.

Бегона одамлар кирганини сезган отлар пишқиришди. Иккита катта ит ўрнидан туриб, «нимага келдиларинг?» дегандай тикилиб қолдилар-у, аммо вовулламадилар. Кесакполвон ит талаб қолмасин, деган хавотирда табиб чолнинг отини айтиб чақирди:
— Раҳмон ака!

Отхона томондан «ҳози-ир» деган овоз келди. Бир оздан сўнг эгнига пахталик, бошига телпак, оёғига кирза этик кийган қора соқолли бир киши чиқиб келиб, улар билан саломлашди.
— Раҳмон ака сизмисиз? — деди Кесакполвон, унга бошдан-оёқ разм солиб. У табиб чолни фаришта кўринишида, оппоқ либос кийиб юрувчи оқсоқол бўлса керак, деб ўйлаган эди.
— Йўқ, мен ҳамсоялариман. Уста отга қараятувдилар. Бугун Аравонда катта улоқ, денг, ашаққа бориш керак. Эндийла жўнаймиз, деб турувдик.
— Биз шаҳардан келдик. Касалимиз бор, — деди Кесакполвон.
— Пича кутиб тураллар, тақсир. Қани, ичкарига кирсинлар, бу ер шабадароқ, устингиз юпун экан.

Кесакполвон совқота бошлаган эди, ноз қилиб ўтирмай, чап томондаги биринчи хонага кирди. Йигитлар чекишни баҳона қилиб, ташқарида қолишди. Кесакполвон кириб ўтиргач, мезбон фотиҳа ўқиб, узр сўради-да, чиқди. Дам ўтмай қирра бурунли бир ўспирин салом бериб кириб, дастурхон ёзди. Кесакполвон бир пиёла чойни ичиб улгурмай эшик очилиб, баланд бўйли, қирра бурунли, кўзлари думалоқ, қошлари қалин, калта соқолли одам кўриниб салом берди. Кесакполвон билан сўрашиб ўтиргач, фотиҳа ўқиди. Сўнг ўрнидан туриб енгил таъзим қилганича «хуш келдингиз», деб калта соқолини силаб қўйди.
— Раҳмон ака сизмисиз? — деб сўради Кесакполвон.

Бу гап чолга ёқмай, пешанасини тириштирди:
— Мен Худо эмасман. Оллоҳнинг қулиман. Исмим Абдураҳмон.

Кесакполвон унинг нима сабабдан бундай деганига тушунмади. Буни олифта бир гап ўрнида қабул қилди. У «шаҳардан атай келганимизни билиб бу қишлоқи табиб хурсанд бўлиб кетади», деб ўйлаган эди. Чолнинг менсимайроқ қараши унинг ҳам ғашини келтирди. Худонинг қудратини қарангки, улар дастлабки салом-аликдаёқ бир-бирларига ёқмадилар. Чунки икковларида ҳам бир оннинг ўзида кибр уйғонган эди. Бандага хос бўлмаган кибр ўзининг энг зўр вазифа-сини — одамни-одамга ёмон кўрсатиш, бир кимсани иккинчисидан нари итариш ишини амалга оширишга киришган эди.
— Довруғингизни эшитиб, шаҳардан атай келдим, — деди Кесакполвон «шаҳардан» сўзига урғу бериб. — Ошнам касал, бориб кўрсангиз, хурсанд қиламиз.

Кейинги гап чолдаги қайсарлик дарвозасини ланг очиб юбора қолди. У соқолини силаб, Кесакполвонга тикилди. Ҳар бир нарсани пулга сотиб олиш мумкин, деб ҳисобловчи Кесакполвон рўпарасидаги бу чолнинг бениҳоя кўп бойлик эгаси эканини қайдан билсин? Бу чолнинг ҳар қандай бойликка нафрат билан қарашини билган тақдирда ҳам нима учун шундайлигини Кесакполвон фаҳмлай олмаган бўларди.

Абдураҳмон табиб унга бир оз тикилиб тургач, тилга кирди:
— Ошнангиз хаста бўлса, Оллоҳ шифосини берсин.
— Машинада бориб келасиз. Уринмайсиз. Тузатсангиз, оғзингизга сиққанича сўрайсиз, бир тийин кам берган — номард!
— Шундайми? — деди чол, Кесакполвондан кўз узмай. — Пулингиз шунақа кўп бўлса дўхтурларга бермайсизми?!
— Уларнинг қўлидан келмайди. Ошнам рак бўлиб қолган.
— Ҳа-а... дарди оғир экан, бояқишнинг. Лекин мен сиз айтган жойга бормайман.

Чолдан бундай гапни кутмаган Кесакполвоннинг жаҳли чиқиб, ўрнида бир қимирлаб олди. Атрофидагиларнинг ҳамиша қуллуқ қилиб туришига, айтган амри бетўхтов ижро этилишига кўникиб қолган Кесакполвон учун бу гап кутилмаган бир зарба эди. Яқин орада ҳеч ким унга бу тарзда муомала қилмаганди. Кимсан, Ҳайдарбек, катта бошини кичик қилиб, қанча йўл юриб келса-ю, бу пистакўмирга ўхшаган чол олифталик қилса!

«Ўзим аҳмоқман, — деб ўйлади Кесакполвон, — йигитларни юборсам-ку, юмалоқ-ёстиқ қилиб бўлса ҳам етказишарди...» Йигитларнинг ўзларини жўнатиш фикри шаҳардаёқ хаёлига келган, аммо гувоҳ кўпайишини истамай, ўзи йўлга чиққан эди.
— Амаки, ўйлаб гапиряпсизми? Қанча йўл юриб келганимизни биласизми?
— Билмайман. Қаердан келганингизнинг менга фарқи йўқ.
— Сиз табибмисиз ўзи?
— Одамлар шунақа дейишади. Оллоҳ истаса мен бир восита бўламану дардмандга шифо етади. Бўлмаса йўқ.
— Нима, менинг ошнамни даволашни Худойингиз истамаётибдими? — деди Кесакполвон, ғижиниб.
— Оллоҳ, бир меники эмас, барчамизники, — деди чол овозини бир парда кўтариб. — Сиз номусулмон одамга ўхшаб сўзлар экансиз.

Шу пайт ташқарида юк машинанинг пишқириб тўхтагани овози эшитилди. Кейин эшик очилиб, ҳамсоя кўринди-да, кутилаётган машина келганини маълум қилди.
— Отларни олиб чиқаверинглар. Меҳмон шошиб турибдилар. Гапимиз ҳам битди, — деди Абдураҳмон табиб унга жавобан.

Чолнинг бу гапи Кесакполвоннинг назарида беҳурматлик чегарасидан ҳам ўтиб кетиб, чинакамига аччиқланди.
— Сиз яхши иш қилмаяпсиз. Агар хоҳласак, машинага босиб олиб кетишимиз ҳам мумкин. Биз билан ўйнашманг.

Бу пўписадан чолнинг ҳам ғазаби қайнади. Аммо меҳмонни қувиб чиқармаслик учун сукут сақлаб, ўзини босишга мажбур этди. Кесакполвон эса бу жимликни ўзининг фойдасига ҳал қилиб, «битта пўписалик жонларинг бор, сенларнинг», деб қўйди.
— Ошнангизга Худонинг ўзи шифо берсин, омийн,— деди Абдураҳмон табиб, фотиҳага қўл очиб.
— Борасизми? — деди Кесакполвон амр оҳангида.
— Йўқ, боролмайман.
— Сиз ўйлаб гапирмаяпсиз. Билиб қўйинг, ошнам ўлса, бу уйда битта ҳам тирик жон қолмайди!

Агар Кесакполвон бу гапни кўчада айтганида, эшитадиганини эшитарди. Чол мусулмоншева кўринса-да, баъзан ўзини тута олмай қоларди. У қайсар эди, тажанг эди, бандага номуносиб иллатлардан бебаҳра ҳам эмасди, аммо ҳар қандай шароитда меҳмоннинг иззатини қилишга мажбур эканини биларди. Ҳозир мезбонлик бурчи ҳамма нарсадан устун келиб, Кесакполвонга қаттиқ тикилиш билан чекланди. Унинг вужудида аланга олган ғазаб ўтини шу кўзлари билдириб турарди.
— Ҳа, нимага тикилиб қолдингиз, борасизми? — деб сўради Кесакполвон энди таҳдид оҳангида.
— Сен... — Абдураҳмон табибнинг овози титраган ҳолда чиқди. — Валади зинога ўхшайсан...

Шу ўринда чол мезбонлик вазифасига озгина хиёнат қилишга мажбур бўлди. Ўрнидан туриб, хонани тарк этди. Кесакполвоннинг ғазаби уникидан кам эмасди. Аммо у меҳмонлик бурчи нима эканини билмасди.

Кесакполвон юк машинаси ёнидаги отларга қараб турди-да, йигитлардан бирини имлаб чақириб, қулоғига шивирлади:
— Буларнинг изидан борасан. Бехит жойда отларини қуритасан. Одамларига тегма. Биз секин юриб турамиз, етиб олларинг.

II боб

1

...Атрофга шом қоронғуси бостириб келадир. Кеч кузнинг изғиринли нафаси сочларини аста тўзитадир. Жувоннинг вужудини эса хуфтон зулумоти босадир, юраккинаси музлайдир, танаси совуқданми ёхуд ўлим шарпасининг қўрқувиданми енгил титрайдир... Кумушбиби бўлмоқни орзу этган бокира, инжу орзулари лойга қоришган Тупроқбиби, унданда баттар қавмда сўнгги нафас сари борадир...

Отасининг кўзлари «Сен ҳур қизлар билан бирга бўласан», деди. Лекин Зайнаб ўзидайин шармандани ҳур қизлар қаторларига олмасликларини билади. Аммо бундай ҳолларда астойдил тавба қилмоғи, ҳаётдан кўз юмар арафасида бир мартагина бўлсин пешанани саждага олиб бормоғи лозимлигини билмайди. Билганида эди, титроқ бармоқлари отаси ташлаб кетган арқондан сиртмоқ ясамоққа уринмаган, Яратганнинг омонатига хиёнат қилмоққа тайёрланмаган бўларди.

Отаси арқон ташлаб кетди. Отасининг мақсадини бир қарашдаёқ англади. Доридан карахт бўлган, шармандали воқеадан чайқалган ақли ўйламоқдан, мулоҳаза юритмоқдан ожиз эди. У фақат бир нарсани идрок этди — отасининг ҳукми мутлақ тўғри! Аслида Зайнаб шармандали уйда, кийинаётган маҳалида ўзини-ўзи ўлим жазосига ҳукм этган эди. Отаси бу ҳукмни қандай ижро этишни кўрсатди халос...

Сиртмоқ ясаётган бармоқлари бирдан тўхтаб, ярим юмуқ кўзлари очилди. Уй бурчагига тикилиб қолди. Гапирай деса тили айланмади. Ўлимга шайланаётган жувоннинг уй бурчагида елкасига хуржун ташлаган қора хотинни кўриб қўрқиб кетиши сиз учун ажабланарли ҳол туюлар. Агар бу қора хотин унинг кўзига жон олғувчи Азроил сифатида кўринган бўлса-чи? Бу хотин айнан бугун эрталаб нон тилаб келган, сўнг ақлни лол қолдирадиган тарзда кўздан йўқолган бўлса-чи?!

«Чиқиб кетувди-ку? Уйга яна қандай кириб олди? — деб ўйлади Зайнаб. — Эрталаб қўлида чақалоғи бор эди. Боласи қани, қаёққа ташлаб келди?»

...Чиндан ҳам қўлида кир латтага ўралган чақалоғи бор эди...

Зайнаб эрталаб баданидаги оғриққа шифо топиш илинжида Мардонага қўнғироқ қилишдан олдин ўзини енгишга уриниб, хаёлини чалғитиш мақсадида кўчага чиқди. Биронта қўшни аёлни учратсам, озгина лақиллашиб турсам, оғриқ чекинармикин, деб ўйлаганди.

Қўшнилар билан айтарли кирди-чиқди қилмайдиган Зайнаб шу тобда уларни кўргиси келди. Ҳар куни эрталаб кўча супуриш баҳонасида бошланувчи хотинлар мажлиси озгина танаффусдан сўнг кун ёйилгунча давом этар, сергап хотинларни кўриб, Зайнабнинг ғаши келарди. Ҳар қандай мажлисда танаффус бўлганидек, хотинларнинг кўча издиҳомида ҳам тахминан бир соат давом этадиган узилиш мавжуд эди. Бу вақт мобайнида хотинлар эрларини ишга, болаларини мактабга, боғчага кузатишиб яна кўчада пайдо бўлишар, «миш-миш халта», «ғийбат тўрва»лар баралла очилиб, бити тўкилиб яйраган одамдай ҳузур қилишарди. Уларнинг анжуманлари болаларидан бирининг мактабдан қайтгунига қадар ҳам давом этиши мумкин эди. Бугун «мажлис» қолдирилганми ё барвақт ниҳоясига етганми, нечундир хотинлар кўринмади.

Зайнаб бўм-бўш кўчага қараб тургач, изига қайтди. Ҳовли томон уч-тўрт қадам қўймай, бир овоз уни тўхтатди:
— Янга, ҳов янга, бирпасга тўхтанг, дардингизни олай.

Зайнаб ўгирилиб, дарвоза остонасида турган озғин, қора хотинни кўриб ажабланди: «Ҳозир кўчада ҳеч ким йўқ эди-ку, бу қаёқдан пайдо бўлиб қолди?» Зайнаб ажабланганини яширмаган ҳолда аёлга разм солди: қўлида кир латтага йўргакланган чақалоқ, елкасида хуржун. Киприк қоқмай тикилиб турибди.

Зайнаб уй томон юрмоқчи эди, қора хотин яна тўхтатди:
— Менга қаранг, дардингизни олай.
— Ҳозир пул олиб чиқаман, — деди Зайнаб.
— Пулингиз керакмас. Сизга мен бир гап айтай. Тўйингизда бўлганман. Ўша куни менга биров бир сўм бермади, хор бўлдим. Аммо эрингиз менга кўп пул берди. Бир хотун кўйлаклар берди. Мен дуо қилдим, бу уйдан қарз бўлиб қолдим. Қарзимни узайин деб бир гап айтгани келдим. Дардингиз оғур янга, дардингизни менгина олай, аммо бугун кўчага чиқманг. Худо, денг, дардингиз кетади. Энди сиз менга биттагина нон беринг, дардингизни олай.

Зайнаб ошхонага кириб қутини очди-да, суви қочган яримта бўлкани олиб «назарга илармикин» деган ўйда иккиланди. Сўнг «бошқа нон йўқлигини айтарман», деб изига қайтди. Қайтди-ю, ҳовлининг ўртасида тўхтади: қора хотин кўздан йўқолган эди. Тез-тез юриб кўчага чиқди.

Кўча ҳам кимсасиз эди. Яримта бўлкани кўтариб кираётган Зайнабни кўрган Элчин:
— Ҳа, нима бўлди? — деб сўради.
— Гадой хотин кирувди...
— Нон бермоқчи бўлдингми, улар ҳозир нон олармиди, пул бера қолмабсан...

Зайнаб эрига қора хотиннинг гапларини тушунтириб ўтирмади. Элчин кетгач, баданидаги оғриқлар кучайди. Беихтиёр телефон гўшагини кўтарди. Мардонани топди. Қора хотиннинг гапларини унутди.

Айнан ўша қора хотин ҳозир, сиртмоқ тугилаётган дамда уй бурчагида турибди. Елкасида хуржун, аммо боласи йўқ... Зайнаб унга тикилганича лом-мим демай қотиб қолди. «Қачон кирдинг уйга?» демоқчи бўлди, аммо тили айланмади. Қора хотин эса ундан савол кутгандай, киприк қоқмаган ҳолда ҳаракатсиз тураверди. Бу ҳолат бир неча дақиқа давом этди. Зайнаб ўзини осмай туриб, бармоқларининг жон таслим қилаётганини сезди. Яқингинада сиртмоқ тугаётган бармоқлар энди жонсиздек, ўзига бўйсунмас эди.

«...Агар Азроил шу бўлса, ўзимни осмай туриб жонимни шундайгина олиб қўя қолмайдими?.. «Ўзини осибди» дейилса, одамлар минг хил миш-миш тўқишади. «Тўсатдан ўлибди» деса, «бечора» деб қўя қолишарди. Азроил бўлса нега тикилиб турибди? Шартта чанг солиб, жонимни суғуриб ола қолмайдими? Ё арқонга осилишимни пойлаяптими? Уйда осганимда бу қора хотин йўқ эди. Шунинг учун тирик қолганмидим? Йў-ўқ... унда ойим қутқариб қолгандилар. Энди... ойим йўқлар... Ҳозир... Ҳозир осаман... Сен қанақа Азроилсан ўзинг, осишимни пойлаб нима қиласан? Ўлимга рози бўлганимдан кейин оладиганингни олавермайсанми?..»

Зайнаб кейинги гапларни бақириб айтмоқчи эди. Бироқ, лаблари сал қимирлади-ю, овоз чиқмади.

Ниҳоят иккала томоннинг сукут билан олишувига хотима ясалиб, қора хотин тилга кирди:
— Нима қиляпсан, ўзингни осмоқчимисан?

Эрталаб қора хотин мулойим эди, энди эса сенсираяпти, овози ҳам дағал.

Зайнаб унинг саволига бош ирғаб қўйди.
— Осиб овора бўлма, сен ўлмайсан.

«Ўлмайсан? Нега? Бу ким ўзи — Азроил эмасми? Ўлмаслигимни қаердан билади?»
— Гапимга тушунмадингми? Ўлмайсан.
— Нега? — Зайнаб ўзининг овозини аранг эшитди. Бу овоз худди бегонадек, тубсиз қудуқ қаъридан эшитилгандек туюлди.
— Мен биламан, сен ўлмайсан, — деди қора хотин киприк ҳам қоқмай, — Сен узоқ яшайсан. Шу қадар узоқ умр кўрасан-ки, яшаш жонингга тегиб ҳам кетади. «Омонатингни ол!» деб Худога ялинасан. Аммо Худо сенинг нолаларингни эшитмайди.

Ўлимдан қўрқмаётган жувон қора хотиннинг бу гапини эшитиб чўчиди:
— Нега?! — Зайнаб бу сафар баландроқ авжда сўради.
— Сен Худодан узоқлаша бошладинг. Мен эрталаб келиб «Кўчага чиқма» дедимми? Сен қулоқ солмадингми? Дарвоза остонасини ҳатлаб чиқишинг билан Худодан узоқлаша бошладинг. Энди ҳар қадаминг билан узоқлашаверасан. Сен ҳозир осон ўлим топмоқчимисан? Йўқ, бундай ўлим сенга насиб этмайди. Худо сенга узоқ умр бериб жазолайди.

Зайнаб қора хотиннинг Худодан узоқлашиш ҳақидаги гапларини идрок қила олмади. Бу гапни бошқа пайтда, руҳи тетик дамларда эшитганида ҳам дуруст англамаган бўларди. Шу ёшга етиб, Оллоҳга яқинлашмоққа интилиб яшамоқнинг нима эканини билмаган, эшитмаган, ҳатто ота-онаси ҳам Яратганни дуруст танимаган одамнинг бу гапларни фаҳм этмоғи мушкул. Зайнабга биров шу пайтгача «Сени Оллоҳ яратган, унга қуллуқ қил, ундангина нажот кут», демаган. У ўқиган китобларининг қули эди, сурурга банди эди, ўз тасаввури билан яратган дунёда шодон яшамоқчи эди. Пойдевори сурурдан иборат ҳар қандай қўрғон ҳаёт деб аталмиш кичик бир палахмон тоши тегиши билан яксон бўлишини ўйлаб ҳам кўрмаганди. Ўзининг тасаввури билан яратган дунёси эса тутундан иборат, ҳаётнинг енгилгина шабадасиёқ уни тўзитиб юбориш кучига эга эди. Шундай бўлди ҳам. Бу сурур, бу алдамчи дунё уни шу сиртмоқ сари етаклаб келди. Қора хотин эса «узоқ яшайсан, қийналиб ўласан», дейди. «Нимага бунақа дейди? Мени лақиллатмоқчими? Битта тугун тугсам бўлди. Кейин осаман. Узоғи билан уч дақиқа кифоя...»

Ҳа, уч дақиқа кифоя эди. Зайнабга айнан шу уч дақиқа етмади. Телефоннинг қаттиқ жиринглаши қора хотиннинг гапларини тасдиқ этгандай бўлди.

2

Олмония сари учиб бораётган Манзура ўзини дорбоз каби ҳис этарди.

Уч йил аввал Асадбек икки ўғлини хорижга ўқиш учун юбориш ҳаракатига тушганида қувонган эди. «Ўғилларим оталари сингари қил кўприк устида яшамайдиган бўлишади», деб Худога шукрлар қилди. Асадбек тўнғич ўғил туғилганидаёқ «Мен буни ўқитиб, зўр одам қиламан», деганди. Орадан йил ўтиб кейинги ўғил дунёга келганида ҳам шу аҳдини айтди. Бу мақсадини тез-тез такрорлаб турса-да, Манзура ишонқирамас эди. Фарзандлари улғайгани сайин «от ўрнини той босмаса эди» деб чўчирди.

Унинг хавотири ўринсиз эди. Асадбек фарзандларига қаттиққўл бўлмаса-да, эркалатмади, ўқишини назорат қилди. Яхши муаллимларни ёллаб, ўғилларининг вақтни бекор ўтказишига йўл қўймади. Фурсат етгач, иккала ўғлини олдинма-кейин Москвадаги ўқишга киритди. Бир томондан зарнинг кучи, иккинчи томондан болаларнинг идроки зўр келиб, Олмонияда ўқиш имкони туғилиши билан бу имкониятдан бетўхтов фойдаланилди.

Ўшанда қувонган Манзура ўзини дорбоз ҳолига тушажагини фаҳмламаган эди. Жуда баланд тикилган, соғинч деб аталувчи бу дорнинг бир томонида ўғиллари, бир томонида эри билан қизи. У эса уқувсиз дорбоз, қўлида лангар чўпи ҳам йўқ. Дорнинг ўртасига келиб олиб, дам олдинга, дам орқага қарайди...

Уйдан чиққанидан бери юраги ғаш. Эри касал, қизининг юзларидан қон қочган, кўзларига хасталик булути кўланка солган. Қизи сездирмасликка ҳаракат қилади. Лекин онанинг юрагини алдаб бўлар эканми?

Бормайин деса, у томонда ўғиллари... Баҳона қидирса эридан балога қолади. Борайин деса...

Учоқ булутлар ҳамласидан юлқиниб чиқиб оҳиста суза бошлагач, учоқ бекаси патнисдаги биллур қадаҳларда ичимлик тутди. Манзура калта кўйлакли бекага «бу нима?» деган маънода қараган эди, у изоҳ берди:
— Пепси-кола, пиво, вино.

Манзура: «Керакмас, ичмайман», дегандай бош чайқади. Шу пайтгача қош-кўзларига зеб бераётган ёш жувон бўйин чўзиб патнисга қаради-да:
— Пиво кимники, финларникими? — деб сўради.
— Москваники, — деди учоқ бекаси.
— Вино-чи?
— Вино ҳам.
— Фу, — деди жувон, кейин Манзурадан илтимос қилди: — Пепсини узатиб юборинг.

Манзура «пепсиси қайси бири экан?» деб ўйланиб ўйига етгунича жувон унинг шундай тумшуғи остидан қўлини узатиб қадаҳлардан бирини олди. Сўнг ярмини ичди-да, сумкасидан япалоқ шиша идишни олиб, қопқоғини очди. Манзура унинг ҳаракатларини кўз қири билан кузатди. У япалоқ идишдаги ичимлик хориж коняги эканини билмас эди. Конякдан пепси-кола устига қуйилиб, сумкадан бир қаричли найча чиқарилиб, симира бошлангач, Манзура киноларда кўрганини эслаб, хонимчанинг коктейл ичаётганини фаҳмлади. Манзура бунақа ҳолатни ҳаётда энди кўриши эди, шу боис «кинода кўрсатадиганлари тўғри экан-да» деб қўйди. Манзуранинг у билан гаплашиш истаги йўқ эди.

Хонимчанинг қилиғи ёқмаганидан ёки русчани яхши билмаганидан эмас, балки хаёл ипининг бир учи эрида, қизида, бир учи ҳадемай учрашиши лозим бўлган ўғилларида бўлгани сабабли ҳам унга жим кетиш маъқулроқ эди. Баъзилар руҳи безовта пайтда ким билан бўлса бўлсин, суҳбатлашиб хаёлини чалғитишга, шу йўл билан руҳнинг эзувчи тўрларидан қутулиб чиқишга уринади. Манзура ундай тоифадан эмас. У ҳар қандай руҳий азобнинг муте чўриси. Сафарга отланганидан бери шу чўрилик либосида.

Ичимлик симириб бўлингач, хонимча сумкасидан сигарет чиқариб, бирини лабига қистирди-да, сўнг қутини Манзурага узатиб, илтифот қилди:
— Олинг, чекинг!

Манзура чекувчи аёлларни кўрган-у, аммо «қачондир, кимдир менга ҳам чекишни таклиф қилар», деб ўйламаган эди. Шу боис ҳамроҳининг таклифини дарров англамади.
— Чекасизми? — деб сўради хонимча унинг дарров жавоб бермаганидан ғаши келиб.
— Йўқ-йўқ, — деди Манзура, ҳижолат бўлиб. Унинг бу ҳоли зимдан кузатилса, чекмагани учун уяляпти, деб ўйлаш ҳам мумкин эди.

Хонимча «чекмасанг баттар бўл», дегандай бир чимирилгач, сигарета тутатди. Дам ўтмай учоқ бекаси келиб:
— Аерофлот қоидасига кўра салонда чекиш мумкин эмас, — деди.

Хонимча унинг гапларига эътибор қилмади.
— Сизга айтяпман! — деди бека, қатъийроқ оҳангда.
— Тупурдим ўша аерофлотингга ҳам, қоидасига ҳам, — деди хонимча. — Бор, ишингни қил, менга халақит берма. Мен текинга учмаяпман. Пулини тўлаб қўйганман. Қандай хоҳласам, шундай учаман.
— Қоидани бузганингиз учун қўнган еримизда жарима тўлайсиз.
— Вой, вой, қўрқитиб юбординг-ку, қўнган еримизда, агар истасам, самолётингга қўшиб ўзингни ҳам сотиб оламан. Ўлаётган пайтингда ҳам оёғимни ўпиб ўласан.
— Безбет экансиз!
— Бор, ишингни қил, аммо кимлигингни унутма!

Учоқ бекаси бу бало билан баҳслашишнинг фойдаси йўқлигини билиб бир нима деб пичирлаганича бурилиб, нари кетди. Манзура унинг нима деганини эшитмаган бўлса-да, эркаклар айтадиган ширин сўзлардан эканини фаҳмлаб, лабини тишлади. Хонимча ҳамроҳи эса бу сўзларни овоз чиқариб айтиб қўя қолди. Кейин япалоқ шиша чиқарилиб, икки қултумгина ичилгач, Манзура суҳбатга тортилди.
— Бу ювуқсизлар қачон одам бўларкин, а?

Манзура нотаниш аёлларнинг орасига тушмоқни лозим кўрмади, индамай ўтираверди. Хонимчага ҳозир эшитгувчи қулоқ керак эди, шу боис Манзуранинг саволига жавоб бермагани андак ғашини келтирган бўлса-да, гапини давом этди:
— Худога шукр, булардан қутуладиган бўлдим, — у думалоқ дераза оша пастга қараб қўйиб, хитоб қилди:— Хайр, ювуқсиз Россия!

Манзура бу гапни эшитиб, сесканиб тушди. У ватанпарварлик, Ватанга садоқат, муҳаббат деган баландпарвоз гаплардан узоқ эди, аммо айни чоқда ўз юртига нисбатан бундай дейиш мумкинлигини ҳазм қила олмай, ҳамроҳига савол назари билан қаради. Хонимча бу қарашнинг маъносини уқиб, изоҳ берди.
— Бу менинг гапим эмас, Гогол деган ёзувчи ўтган, эшитганмисиз? У Россияни ташлаб кетаётганида шундай деган.

Тарихдан, хусусан Гогол тақдиридан хабардор одам унга жавобан «Эй нодон, Гогол киму сен кимсан, ўзингни кимга тенглаштиряпсан? Бу гап айтилган замон қайда-ю, бугунги замон қайда?» деган бўларди. Манзура эса бу тарихдан бехабар бўлгани сабабли «Гогол дегани ҳам ғалати экан-да» деб ўйлади. У ҳамроҳининг асл мақсадини англамади. Юртини ташлаб кетаётган бу хонимча шу гапи билан рус бўлмаган аёлнинг кўнглини қитиқламоқчи, уни ўзига ҳамдард қилиб олмоқчи эди. Унинг мўлжалича, Манзура бу гапни эшитгач, «Ҳа, чиндан ҳам ювуқсиз, булар фалон, булар пистон...» дейиши лозим эди. Шунда у «Россияни шунинг учун ташлаб кетяпман», деб баҳонасини рўкач қилган бўларди. Лекин кутган гап айтилмади. Хонимча «Булар бир нима дейишга қўрқишади», деб ўйлаб, аччиқланди. Шу топда у гапирмай келаётган аёлдангина эмас, ўзидан ҳам нафратланди: «Менинг қаёққа, нимага кетаётганимни у билмаса, унга тушунтиришим шартми?..»

Одам табиати шундай: баъзан бирон ножўя қадам қўяди-ю, кейин ўзини оқлаш мақсадида баҳоналар излайди. Биров «нимага шундай қилдинг?» деб сўрамаса ҳам баҳоналарини айтишга шошилади. Ўзи тўқиган, аммо ўзи ҳам ишонмаган баҳонага бошқаларни ишонтирмоқчи бўлади. «Иштонсизнинг ҳадиги чўпдан», деб балки шунга айтилар.

Хонимча Манзуранинг қараб туришидан тутоқди:
— Нимага қараяпсиз? Гапим ёқмадими, ё тушунмадингизми?
— Тушундим... лекин...
— Нима, лекин?
— Ўзингиз русмасмисиз?
— Хўш, рус бўлсам-чи?
— Ўзингизнинг юртингизни шундай дейсизми?
— Хўш, чиндан ҳам ювуқсиз бўлса-чи? Хўш, ўзингиз кимсиз, қозоқмисиз, тожикмисиз?
— Ўзбекман.
— Агар Ўзбекистон шунақа бўлса, индамай юраверасизми?
— Худонинг ўзи асрасин!
— Йўқ, сиз менга аниқ жавоб беринг: шу гапни айтмайсизми?
— Тилим кесилса ҳам айтмасман.
— Хўш, нимага? — Хонимча шундай деб қутидан яна бир сигарета олиб, лабига қистирди. — Фақат «Ватанимни севаман» деманг, бунақа гапларни миллиард марта эшитганман.

Манзура нима дейишини билмасди. Нима десин: киндик қоним тўкилган тупроқ мен учун муқаддас, унда ота-онам ётибди, азиз-авлиёлар ётишибди, бир куни ўзим ҳам шу тупроққа қўшиламан, қандай қилиб уни лаънатлаш мумкин? Ўз юртини лаънатлаган тилни кесиб, итга ташланса, ит ҳам бу тилдан ҳазар қилар, емас?

Манзуранинг дилида шу туйғу бор, лекин бундай сўзларни маромига етказиб улаб, айта олмайди. Бироқ, хонимча унга қалтис савол берди, жавоб кутяпти.
— Шундай дейсиз-у, эрта-индин яна шу... ювуқсиз деганингиз жойга қайси юз билан қайтиб келасиз?
— Ким қайтиб келади? Менми? Ўлсам ҳам қайтмасман. Тупурдим бунақа жойга.
— Энди... бу ёқларда яшамоқчимисиз?
— Ҳа. Ўйнашим кутиб турибди. Германияга бораману ундан Парижга учаман. Парижда яшайман!

«Ўйнашим кутиб турибди?» Бу гапни шу тарзда беҳаёлик билан айтилгани Манзурани титратиб юборди. Манзура назоратдан ўтаётганида бу хонимчанинг бир йигит билан қучоқлашиб, ўпишиб хайрлашганига кўзи тушган эди. «Демак, у боёқиш эри... бу ёқда эса ўйнаши... Вой шарманда, ё тавба...» Манзура шундай деб ўйладию бирдан ёдига Зайнабнинг Элчинга айтган сўзлари ёдига тушиб оёқ-қўлига муз югурди.

«Наҳотки менинг қизим ҳам шундай бўлса?!» деган фикр миясига яшин каби урилиб, жонини суғуриб олгандай бўлди.

Жисм оғриса чидаш мумкин, руҳ зада бўлса, эзилса чидамоқ мушкул. Кўзини юмиб, инграб юборганини ўзи ҳам сезмай қолди.

Хонимчанинг бошқа гапирмай жим кетиши бир жиҳатдан яхши бўлса-да, иккинчи томондан Манзурани нохуш хаёллар ҳукмига топшириб қўйди. Омадсизлик-да, агар ҳамроҳи бамаъни бўлса, суҳбат билан овунарди, бу азоблар ҳам йўқ эди. Бундай ҳолларда банда чорасиз. Исломий илмдан хабардор бўлганида ҳам, шайтон васвасаларидан паноҳ излаб, Яратган сари интилар эди. Тангрига солиҳ банда бўлиш тизгинсиз хаёлларга банди бўлишдан қутқарарди. Бундай паноҳ йўқ экан, азобни тортаверади.

У ўзини кўнгилсиз хаёллар панжасидан қутқармоқ учун кўзини очганида хонимча Зайнаб бўлиб кўриниб яна инграб юборди. Шу бўйи яна кўзларини юмганича, то учоқ қўнгунича очмади. Учоқдан тушар маҳалида ҳам хонимчага қарамасликка тиришди. У ўзини ҳам, кўзларини ҳам ҳамроҳидан олиб қочар, аммо аксига олгандай, хонимча дам ёнида, дам рўпарасида пайдо бўлиб қоларди.

Хонимча бошқаларни туртиб-суртиб бўлса-да, назоратдан аввалроқ ўтди. Шунда Манзура унинг ўйнашини кўрди. Камида олтмишни уриб қўйган, кал, малла башара семиз одамни кўриб, «Ўл-а, топганинг шумиди?» деб қўйди.

3

Манзура келинликка номзодлар ҳам кутгани чиқишса керак, деб фараз қилган эди. Шу сабабли соғинтирган ўғилларини бир-бир бағрига босиб, худди гўдагини эркалагани каби суйиб, ўпаётганида нигоҳи кўз ёшларининг хира пардаси орқали ўша қизларни излади. Манзура ўғилларини қайта-қайта бағрига босгани билан соғинч саҳросида ташналик азобида қийналган кўнгли қониқмаётган эди. Бу учрашув, бу кўришув саҳро юзига уч-тўрт ёмғир томчиси тушгани каби эди. У фарзандларини бирма-бир қучоқлашга қаноат қилмай қулочини кенг ёйди-да, сўнг жўжаларини икки қаноти остига олиб авайлагандай бараварига қучоқлади.

Кўзлардан оққан соғинч, бахтиёрлик ёшлари тиниб, ҳаяжон тафти сал босилгач, улардан икки қадам нарида ўрта бўйли, қорачадан келган тилла ҳалли кўзойнак таққан одам яқинлашиб, қўлидаги бир даста гулни Манзурага узатди:
— Марҳабо, хоним афандим, хуш келдингиз, — деди у Манзура учун бегона бўлган лутф билан.
— Доктор Худоёр устозимиз бўладилар, — деди Самад, уни онасига таништириб.
— Ёдингиздадир, биз сиз ила телефон орқали сўзлашмак шарафига муяссар бўлган эдик. Бу ташрифингиз чўх гўзал бўлмиш. Чўх миннатдорман, чўх бахтиёр бўлмишам, хоним афандим.

Манзура бундай илтифотга нима деб жавоб қайтаришни билмай, бош силкиб қўя қолди. Эрида, хонадони атрофидагиларда бундай лутф бўлмагани сабабли ҳам у жавобга ожиз эди. Доктор Худоёр учун бу ҳол қоронғу эди. Шу боис аёлнинг бош силкиб қўйишини унинг ҳаяжонига йўйди.
— Абдусамад, иним, сиз юклар ила машғул бўлинг, биз бора турамиз, — деди доктор Худоёр.

Тўнғич ўғлига «Самад» деб исм қўйиб, шу ёшга қадар «Самаджон», деб эркалаб чақирувчи онага «Абдусамад» дейилиши ажаб туюлди. У ўғлининг доктор Худоёрга дастлаб учраб «Исмим Самад» деганида «Ас-Сомад — Оллоҳнинг сифатларидан бири, яъниким, бутун махлуқотнинг ишини битирувчи, барча ҳожатларни сўрайдиган зот, демакдир. Сиз билан биз эса Оллоҳнинг қулларимиз. «Самад» десангиз Худо бўлиб қоласиз. Исмни тўғри талаффуз этмак жоиздур. Сиз «Самад» эмас, «Абдусамад» сиз», деб танбеҳ эшитганини билмас эди.

Манзура «қизлар кутгани чиқмадими?» деган ўйда атрофга бир аланглади. Унинг фикрини англамоқ учун доктор Худоёрга шунинг ўзи кифоя қилиб, кулимсиради:
— Хоним афандим, узр этмагингизни сўрайман. Сизга пешвоз чиқмак учун қизларни-да таклиф этмиш эдик. Улар ташрифингиздан сарфароз эсалар-да, бунга чиқмоқдан уятдилар. Уларнинг чўх гўзал одоблари вордур. Уларни узр этмак, дуо қилмак жоиздур, хоним афандим. Буюринг хоним, Абдулҳамид, кечинг.

Бундай сўзларни эшитганида Асадбек қандай ажабланган бўлса, ҳозир Манзура ҳам шундай таажжубланди.

4

Бу шаҳарнинг бошқа ерларга нисбатан орасталиги билан ажралиб туришини ҳар қандай одам йўл-йўлакай билиб олади. Машинанинг орқа ўриндиғида, икки ўғлини икки қаноти остига олиб бораётган Манзура атрофга суқланиб боқмаса-да, буни сезди. Ғилдиракларнинг дўқилламай, машинанинг чайқалмай, сакратмай оҳиста сузишини, одамларнинг йўл четларида тартиб билан юришларини, озодаликни бир неча дақиқалик сафар чоғидаёқ сезиш мумкин эди.

Олдинги ўриндиқда ўтирган доктор Худоёр шаҳар оралаб юришаётганда орқасига ўгирилди:
— Хоним афандим, биз-да олмонларнинг шул кентинда мусофирлик ичинда истиқомат этмакдамиз. Қаранг, кент чўх гўзалдир. Сизлар буларни нима деб атайсизлар? — доктор Худоёр кулимсиради. — Чириётган капитализмми? Қаранг, қандай чиримакда!

Манзура бу каби сиёсатдан беҳад узоқ бўлса-да, радиодан айтилувчи шунга ўхшаш гаплар қулоғига кириб турарди-ю, аммо мулоҳаза қилиб, фаҳм этишга уринмас эди. Доктор Худоёрнинг ҳозирги киноясига ҳам тушунмагани сабабли жавоб ўрнига енгилгина жилмайиб қўя қолди. Бу жилмайиш доктор Худоёрга илҳом бериб, шаҳарни мақтайверди. Айрим биноларнинг тарихини ҳам баён қилишни унутмади.

Бир соатлардан сўнг баланд бинолар сафи сийраклаша бошлади. Ана шунда доктор Худоёр изоҳ берди:
— Хоним афандим, Музаффархон Марғилоний жаноблари сизни кент ҳудудидан ташқаридаги виллада кутмакдалар.

Вилла деганлари ғоятда озода боғ, уч қаватли иморат, мармар ҳовуздан иборат эди. Вилла одам бўйи келадиган панжара билан ўралган, бу қўриқлаш мақсадида ўрнатилган девор эмас, балки кўча ҳамда қўшни вилладан чегаралаб турувчи рамзий тўсиқ эди. Манзурани Музаффархон аҳли аёли Гулузор бегим билан пешайвонда кутиб олишди. Ичкарида, шохона безатилган кенг хонада ўндан зиёд эркагу аёл — Олмонияда истиқомат қилувчи ўзбекларнинг юқори табақа вакиллари меҳмон кутиш баҳонасида тўпланган эдилар.

Соҳиб байт лутф қилиб, уларни бир-бир таништирди. Эркаклар енгил таъзим ҳамда жилмайиш билан меҳмонни шарафлашди. Аёллар ўзларигагина хос бўлган қизиқувчанлик, зийраклик билан Манзуранинг кийимига, бармоқларидаги узукларга, бўйнидаги дур-маржонга қараб олганларидан кейин жилмайган ҳолда қўл узатдилар. Бундай маросим, бундай танишувни энди кўриб турган Манзура қандай ҳаракат қилишни, нима дейишни билмай хижолат бўлди, ўзини ноқулай ҳис этди. Доктор Худоёр буни сезиб, таништирув чоғида гап қўшиб, ҳазиллашиб, кулгу уйғотиб, ноқулай вазиятни чекинтиришга ҳаракат қилди.

Манзурани айни чоқда қимтинишга мажбур этаётган яна икки омил мавжуд эди. Бири — уйнинг ҳашами бўлса, иккинчиси — ўзининг либоси эди. Гарчи эрининг давлати буларникидан кам бўлмаса-да, уйлари бу даражада эмасди. Бундай уйларда яшаб ўрганган одамлар Асадбекникига боришса ажабланишлари турган гап эди. Эри бу қадар ҳашамни ёқтирмасмиди, ё данғиллама уй солишдан қўрқармиди, Манзура буни билмайди. Ўзи эса ҳеч маҳал бунга қизиқмаган.

«Қизлар бизнинг уйимизни назарга илишармикин?»

Остона ҳатлаб ичкари кирган Манзуранинг хаёлига келган дастлабки фикр шу бўлди.

Дунёдаги барча аёлларда бўлганидек, Манзурада ҳам либосга қараб қўйиш одати бор эди. У бир қарашнинг ўзидаёқ, мезбонлар либосининг шоҳона эканини билди. Уларникига нисбатан ўзиники ғарибгина туюлди. Агар қимматбаҳо безаклари бўлмаса, уни шу уй хизматкорлари қаторига қўйиш мумкин эди.

Танишув сўнгида улар чеккароқда ийманиб турган икки қизга яқинлашдилар.
— Менинг қоронғу осмонимни ёритиб турувчи икки юлдузим — бири Чўлпоной, бири Муштарий, — деди Музаффархон фахр билан.

Қизлар кўзларини ердан узмай, бараварига салом бердилар. Манзура алик олгач, доктор Худоёр сўз қотди:
— Иншооллоҳким, бу юлдузлар сизнинг осмонингизда ҳам нур сочажак!

Қизлар уялишиб, ўгирилдилар-да, зина томон юрдилар. Сўнг илдамлик билан юқорига кўтарилдилар.

Уларни кўрган заҳоти Манзуранинг юраги жиз этди. Қизлар бағоят гўзал, истарали эдилар. Балки ҳазрат Навоий «Рухсорида ломаи малоҳат, гуфторида нашъаи фасоҳат» деб битик битганларида шундай гўзалларни назарда тутдиларми, Худо билади. Манзура ҳозирча уларнинг рухсоригагина банди бўлди, ҳали сўзларини эшитгач, шундай қизларни ўғилларига насиб этгани учун Яратганга шукрлар қилиши тайин.

Манзура барча билан бир сидра танишиб чиққач, Гулузор бегим илтифот қилди:
— Азизларим, Манзурахон бегим ила мени маъзур тутгайсизлар, сизларни бир неча дақиқага тарк этажакмиз.

Манзура мезбонга эргашиб, аввал шинам даҳлизга чиқди, сўнг мўъжаз меҳмонхонага кирди.
— Бунда ором олмоғингиз мумкин, Манзурахон бегим. Чанталарингиз бу ерда. — Мезбон шундай деб, ён эшикни очди. Манзура бир кишилик ётоқхонани, каравот ёнида турган жомадонини кўриб, «чанта» нима эканини фаҳмлади.
— Сиз ташрифингиз ила барчаларимизни ғоятда сарфароз айладингиз, бегим, биз бунда ота юртдан келган ҳар бир ватандошларимизнинг нафасига муштоқ яшаюрмиз. Шул боис ватандошлар ташрифингизга пешвоз йиғилдилар. Сиз ҳордиқ чиқаринг, мен пича фурсат ўтгач, ҳузурингизга қайтажакман.

Мезбон чиққач, Манзура юмшоқ курсига омонатгина ўтирди. У уйнинг ҳашами, мезбонларнинг такаллуфидан ҳайрон, гўё бегона юртга, бегона одамларникига эмас, балки бегона дунёга келиб қолгандай эди. Тўю-зиёфатларга бориб «есонмисиз-омонмисиз...»дан бошлаб, керакли-кераксиз гаплар билан вақт ўтказишга, кетма-кет киритилувчи овқатларга, «олинг оповси, олинг, овсин» деган меҳрибончиликларга ўрганиб қолган аёл учун бу чиндан ҳам ўзга дунё эди. Шу сабабли Манзура йўлдаги ҳолатини, қизи ташвишидаги хаёлларини, ўғилларини бағрига босган чоғдаги масъудликни бир зум унутиб, ўзини қандай тутмоқлиги лозимлигини ўйлади. Гулузор бегимнинг бу хонага бошлаб киришидан мақсади ювиниб, кийимларини алмаштириб олиш учун шароит яратмоқ эканини фаҳмлаб, ўрнидан турди. Шунда ётоқхона ёнидаги эшикнинг қия очиқ турганига, бу ернинг ювиниш хонаси эканига эътибор берди.

Манзура ювиниб, тараниб бўлгач, мезбонни яна ўн дақиқа кутди. Сўнг Гулузор бегимга эргашиб, танишув маросими бўлиб ўтган катта хонага қайтди. Давра қуриб ўтирганлар Манзуранинг ташрифини жилмайиб, бош ирғаб қўйиш билан шарафлашди. Давра тўрида, икки ўғил ўртасида икки жой бўш эди. Манзура билан Гулузор бегим ўтиришлари ҳамон хизматчи келиб қаҳва тутди.

Манзура кирганда узилган суҳбат, қаҳвадан бир ҳўплаган онда давом қилди. Доктор Худоёрнинг ёнида ўтирган озғин одам ҳам қаҳва ҳўплаб олиб, фикрининг давомини изҳор этди:
— Мен жаннатмакон Шермуҳаммадбекнинг бутун бўй-бастлари ила акс этган ҳайкални-да бориб кўрмакни ихтиёр этдим. Ахир мен Шермуҳаммадбек ҳали ҳоли-ҳаёт эканликларида бир неча бора суҳбатларидан баҳраманд бўлмак шарафига етушганман. Мен лол қолдимки, айнан ўзларига ўхшабди. Яна лол қолдимки ҳайкални ўрнатмакка юрт оғаларида рағбат йўқтур.

Гулузор бегим Манзурага қараб, паст овозда: «Саъдуллохон Ватанга бориб қайтиб эдилар. Таассуротларини айтмакни ихтиёр этиюрлар», деб изоҳ берди.

Саъдуллохон деганлари таассуротини интиҳосига етказмай, доктор Худоёр эътироз билдирди:
— Азизим, агарчи менда-да ҳукм бўлган чоғинда ҳам ҳайкални ўрнатишга изн бермас эдим.

Фикрининг қабул қилинишига ишонган Саъдуллохон бу қадар кескин эътирозни кутмагани учун ажабланди:
— Нима учун? — деди у норози оҳангда.
— Бунинг бир неча сабаблари вордур: илк сабаб шулким, ҳайкал ўрнатмаклик — Исломга тамомила ётдур. Бутпараст мушрикларнинг йўлидур. Исломдан нарида сўзламак истасак, Шермуҳаммадбек бундайин шарафга нолойиқ шахсдир.
— Ажаб! Ажаб! — деб юборди Саъдуллохон. — Шермуҳаммадбекнинг кимлигини билурмисиз ўзингиз?
— Билиюрман, азизим, — деди Худоёр, хотиржам оҳангига хиёнат қилмай. — У муҳтарам зотнинг маълум ҳаракатлари учун ҳурматимни изҳор этганим ҳолда деюрманки, сиз айтган шарафга лойиқ эмасдурлар. Яъниким, Мадаминбекни шаҳид қилмоқда иштироклари бўлганини кечирмоқ асло мумкинмасдир.
— Агар Мадаминбек хоинлик кўчасига кирган бўлсалар-чи?
— Саъдуллохон, азизим, қалбимдасиз. Сиз билан бу хусусинда аввал ҳам баҳслашиб эдик. Мадаминбекнинг шўролар билан битимидан асл мақсади сиз билан бизга қоронғу бўлгани сабабли ажрим қилмоққа ҳуқуқимиз йўқтур. Сиз билан мен бу хусусинда бир битимга кела олмаганимиз боис, баҳсни янгиламайлик. Фикримнинг давоми шуки, Шермуҳаммадбек амиралмуслиминни шаҳид этиб қочганидан сўнг...
— Қочганлари йўқ, ҳижрат қилдилар. Ҳижрат қилмоқлик эса суннатдир. Ёинки жаноби Расулиллоҳнинг ҳижратларини-да инкор этажакмисиз?

Бу савол доктор Худоёрга ёқмагани учун заҳарли жилмайиб қўйди. Аммо гапидаги босиқлик оҳангини йўқотмади:
— Азизим, сиз мени бир тоққа, бир боққа бошламакдасиз. Пайғамбар афандимиз, саллоллоҳу алайҳи васаллам, ҳижратлари билан Шермуҳаммадбекнинг қочоқликларини тенглаштирмоқнинг ўзиёқ гуноҳ саналур.

Сиз муҳтарам афандимга эслатмагим жоиздурки, пайғамбар афандимиз ҳижрат қилганларидан сўнгра улуғ ғазотнинг раҳбари бўлдилар. Шермуҳаммадбек эса, — доктор Худоёр яна жилмайди, — майли, сиз айтганингизча бўла қолсин, «ҳижрат қилганларидан» сўнгра тан оромидан ўзга нарсани билдиларми? Ўзларини амиралмуслимин, деганлари ҳолда нечун жиҳодни давом эттирмадилар?

Саъдуллохон жавобга оғиз жуфтлаган чоғда уй эгаси Музаффархон гапга аралашиб, баҳсни юмшатмоқчи бўлди:
— Доктор Худоёрнинг қаричлари узунроқ, — деди у кулимсираб, — ўлчовни ҳамиша баланд олворадилар. Росмана ўлчов билан қарасак, Мадаминбекнинг ҳам, Шермуҳаммадбекнинг ҳам оми одамлардан бўлганликларини унутмаслигимиз дурустдир.

Уларда ҳарбий илм борми эди? Шермуҳаммадбек милтиқ отишни Мадаминбекдан ўрганиб эдими? Улар қўлларига илк марта милтиқ олибоқ ким билан олишдилар, эсланг! Жаҳон муҳорибасинда чиниққан ўрус аскарлари билан жанг қилдилар-ку?! Улар то ўша кунларга қадар сиёсат нима эканини биларми эдилар? Йўқ, азизларим, билмас эдилар. Ҳарбий илмдан узоқ, сиёсатнинг алдовдан иборат бир нарса эканини билмаган ҳолда жанг қилдилар. Ҳа, уларда на ҳарбий, на сиёсий илм бор эди. Аммо у улуғ зотларнинг муборак қалбларида Ватанни севмак туйғуси бор эди. Биз, азизларим, ана шу туйғуни шарафламагимиз шартдур.
— Афандим, — деди доктор Худоёр, унинг сўзини бўлиб, — буни мен-да дуруст англаюрман. Бироқ, Шермуҳаммадбек жиҳодни давом эттирмаги мумкин бўлмаган экан, Ватанда душман қўлидан ўлим топмоғи шарафлироқ эмасми эди?
— Ажаб! Ажаб! — деб юборди Саъдуллохон, овозини бир оз баландлатиб. — Сизнинг бу гапларингиз менга Ватандаги бир шўропарастнинг сўзларини эслатди.
— Сабр этмакни ихтиёр қилинг, афандим. Менинг-да сўзим ҳали интиҳосига еткани йўқтур. Сиз-да, афандим, ҳижратни тилга олдингиз, аммо улуғ Бадр муҳорибасини хаёлингиздан паришон қилдингиз. Англаюрманки, улуғ Бадр муҳорибасинда шаҳид бўлганлар шарафига етмак мушкул бир вазифадур. Аммо минг тўққиз юз ўн тўрт санасинда Чаноқ қалъасиндаги муҳорибани англаюрмисиз?

Бир қалъада тўрт юз эллик минг шаҳид! Уч юз эллик минги талабалар! Англаюрмисиз буни?! «Кими ҳинду, кими ям-ям, кими билмам не бало...» Улар-да шаҳид бўлдилар, аммо Туркия мағлуб этилмади. Афандим, англамак жоизки, Ватан бир боғдур. Бу боғни инсон қони ила суғармак лозимдур. Афандим, мен сизга бу хусусинда бошқа сўз айтмасман. Шўропарастлар сўзларини сиз айтинг.

Тўпланганлар ўша шўропарастнинг гапи нима экан, деган маънода кутдилар. Саъдуллохон ҳозирги гапларга ҳам муносабатини аён қилмоқчи эди, бироқ доктор Худоёрнинг «мен сизга бу хусусинда бошқа сўз айтмасман», деб қўйиши ҳамда тўпланганларнинг тикилиб қолишлари унинг шаштини қайтарди.
— У зоти паст айтдики, — деди у бир оз ўнғайсиз аҳволда, — ит қорни тўйган ерда, одам эса Ватанда яшармиш.

Дастлаб эшитилганда қўпол туюлган бу мақол ўтирганлар этини бир сидра зириллатди. Бу ҳолатни сезган Саъдуллохон мазкур баҳсда мутлақ ғолиб бўлдим, деган қарорга келиб, атрофидагиларга мағрур назар ташлади. Аммо унинг ғолиблик супасини эгаллаши бир неча сониялик эди. Доктор Худоёр осонлик билан мағлуб бўлувчи тоифадан эмас эди. У ҳам ўтирганларга бир қур назар ташлаб олгач, «бошқа сўз айтмасман» деган ваъдасига хиёнат қилгани ҳолда жавоб берди:
— Гумраҳ улус ичра ўзин қотти, ахий,

Дунёга бировки дунёни сотти, ахий...

Ҳазрат Навоийга бир сўз қўшмакка ҳожат йўқтур. Саъдуллохон, шарафли афандим, қалбимдасиз, сиз мени бир муҳориба майдонидан бошқасига етаклаб ўтмакни ихтиёр эттингиз. Шўропарастнинг гапи бошқа, биз айтаётган дард ўзгадир, Шўропараст сизга қозоқ биродарларимизнинг бир мақолини айтибди. Буни камина ҳам эшитгани бор. Сиз шўропараст бизларни итга қиёс этмакдадир, деб ғазаб отига миниюрсиз. Менинг англамоғим бўйича, мақсад мақолнинг иккинчи бўлагида. Ҳар бир инсонни Ватанда яшамакка даъват этмакдир.
— Ватанда бўлмак?! — Саъдуллохон чекинишни истамади. — Отам менга Ватанни қолдирдими?
— Отам менга Ватанни қолдирдими? — деб қайтарди у. — Йўқ, отам менга Ватан соғинчини мерос қолдирди. Шўропарастлар буни англамаслар! Уларда наинки соғинч, уларда Ватан туйғуси йўқтур. Буни мен англадим! Улар сўқир! Шўро етагида қайга боражакларини билмаслар!
— Сиз уларни бунда айбларсиз, улар бизларни унда айбларлар. Кун шу тарзда ўтаверар. Ватан эса кундан-кун ботқоққа ботаверар. Афандим, агарчи улар сизни, сиз туфайли бизларни айблар бўлсалар, ҳақлидурлар. Чунки биз бунда Ватан учун бирон нима қилмакдан ожиздурмиз.
— Биз нималар қилайликки, йўллар тўсиқ бўлса. Йўллар очилса эди, мен Ватаннинг беш ерида беш улуғ мағоза очсам, Лутфуллахон яна неча еринда супермаркет очсалар...
— Ўҳ-ҳў!.. — доктор Худоёр баралла кулиб юборди.— Афандим, афандим, сиз ўн эмас, ўн минг дўкон қуринг, Ватанга нафи оздир. Мағозалар қурғувчи тужжорлар Ватанда ҳам бисёрдир. Сиз Ватанга илм олиб боринг. Ватаннинг қаддини кўтаргувчи биринчи восита — озодлик, иккинчиси эса илмдур. Дунё юртларига бир қаранг-чи, улар мағозалари ила бақувватларми ёинки илм илами? Сиз билан биз яшаб турган Олмонияни урушдан сўнгги харобликдан бу даражага илм кўтармадими? Сиз билан бизнинг айбимиз шуки, Ватан йўллари очилсин, Ватан озод бўлсин, деб бунда орзу қилиб кутиб ўтирмакдамиз. Шўроларнинг ҳукмидаги Оврупо жумҳуриятларининг хориждаги биз каби муҳожирлари эса вақтли ҳукумат тузиб, ўз Ватанларини озод қилиш қасдида курашмакдалар. Нима учун сиз билан биз курашмаймиз? Чунки бизлар — сиз меҳр қўйган Шермуҳаммадбекнинг авлодларимиз. На-да Шермуҳаммадбек курашди, на-да амир Саид Олимхон курашди, на-да биз курашяпмиз. Сизни билмадим, шарафли афандим, аммо мен Ватан қаршисида уятлидурман.
— Сиз андак янглиш гап айтдингиз, жаноб Худоёр. Бизнинг жамиятимизни назарга илмаганингиз чакки. Биз ҳам Ватан учун қайғурмакдамиз.
— Қайғурмак дуруст, аммо курашмак лозим. Ватандан келган ашулаларни эшитиб, «ўйна ёр, ўйна!» деб ўтирмакдан наф йўқтур. Агар менинг сўзларим малол туюлса, ана, ватандошимиз муҳтарама хоним афандим айтсинлар...

Манзуранинг кутилмаган тарзда суҳбатга чорланиши фақат унинг ўзинигина эмас, ўғилларини ҳам шошириб қўйди. Иккови бараварига нажот истаб, Гулузор бегимга қарадилар. Гулузор бегим бу қарашнинг маъносини уқиб, жилмайгани ҳолда доктор Худоёрга мурожаат қилди:
— Муҳтарам доктор жаноблари, бизларга дастурхон мунтазирдир. Баҳс нонуштадан сўнг давом этмаги дурустмикин?

Бу луқма чўкаётган одамни кемага чиқариб олиш савоби даражасига етишди. Доктор Худоёрнинг мурожаати ҳам соғинч, ҳам хавотир денгизида чўкиш азобини тортаётган аёлни янада оғирроқ аҳволга солган эди. Аввалига Манзура уларнинг суҳбатларига унчалик аҳамият бермади.

Аниқроқ айтилса, баҳснинг сабабини англамади. Машойихлар бедарднинг олдида бошимни оғритма, деганларича бор. Асосан оила ташвишлари билан яшовчи аёлнинг бу одамлар қалбидаги дардни ҳис қилиши мумкин ҳам эмас эди. Қўқонда Собитхон Асадбекни йўқлаб, унда Ватан ҳимоячисини кўришни истаб янглишгани каби, бу издиҳомдагилар ҳам Ватан хусусидаги гапларимиз ватандошни бефарқ қолдирмас, деб адашдилар. Тўпланган мезбонларнинг қалблари Ватан, Ватан соғинчи дарди билан, Манзуранинг қалби эса эрининг ташвиши, қизининг соғинчи билан тепарди. Қалбларнинг тепиши ҳамоҳанг эмас эди. Манзуранинг суҳбатга чорланиши ана шу сирни ошкор этмоғи мумкин эди. Гулузор бегимнинг луқмаси уни бу ноқулайликдан ҳам қутқарди.

Доктор Худоёр танбеҳни англаб, ўрнидан турди-да, қулочларини ёйган ҳолда деди:
— Ў, шарафли хоним афандим, қалбимдасиз, сизнинг сўзларингиз биз учун амрдир. Нонуштадан сўнгра ҳам баҳслашмакдан бўйин товлаяжакман. Баҳсда шарафли Саъдуллохон афандимни енгиб бўлмас!

Доктор Худоёрнинг кейинги гапида таслимга нисбатан киноя оҳанги зуҳур эди. Тўпланганлар бу гапдан «Саъдуллохонга гапириш бефойда, барибир тушунмайди», деган маънони уқишган бўлишса-да, ҳеч нарса англамагандай кулимсираб қўйдилар.

Шу онда ён томондаги девор аста сурилди. Манзура бу деворни ойнаванд жавон деб ўйлаган эди. Девор сурилгач, улар дастурхон тузоғлиқ хонага ўтдилар. Дастурхон устида ортиқча лутф, «олинг, олинг», деган қисташлар бўлмади. Манзура тортиниб, қимтиниб ўтиргани учун Гулузор бегим лутф кўргазиб икки марта «марҳамат қилинг», деди. Таомланиб бўлганлар бирин-сирин ён хонага чиқа бошладилар. Манзура қарасаки, ўғиллари билан ёлғиз қоладиган. Шу боис ўзи учун фотиҳа ўқиб, ўрнидан турди-да, Абдулҳамиддан астагина:
— Уйга телпон қилса бўладими бу ердан? — деб сўради.
— Ҳозирми? — деди Абдулҳамид.
— Ҳа. Нимагадир кўнглим ғаш, болам.
— Узоқ йўл юриб келдингиз. Чарчагансиз. Меҳмонлар ҳадемай кетишади Хотиржам дам оласиз. Мен ҳозир телефонга буюртма бериб қўяман. Хавотирланманг.

Абдулҳамид айтганидай меҳмонлар тез кетишмади. Эркаклар ҳовлини айланиш баҳонасида чиқдилар. Шундан сўнг аёллар гурунги бошланиб, фақат аёлларга хос масалалар муҳокама қилинди. Бу издиҳомнинг аввалгисидан фарқи шунда эдики, бунда «томонлар бир-бирларини тўла англаган ҳолда, дўстона суҳбат қурдилар».

Меҳмонлар кетишгач, соҳиб байт ҳам шаҳарда юмушлари мавжудлигини баҳона қилиб қайтдилар. Вилла Манзура билан ўғиллари ихтиёрига топширилди. Манзура ўғилларини тергаш имконига эга бўлиб, бу имкониятдан энди фойдаланаман, деганида телефон жиринглади. Айни шу онда Зайнабнинг уйида ҳам телефон жиринглади...

III боб

1

...Бир денгизчидан «Аҳвол қанақа?» деб сўрашса, «Кайфиятлар аъло, чўкяпмиз», деган экан...

Ҳамдам Толиповнинг алам билан айтган бу гапи Зоҳиднинг ярадор қалбини тирнаб, азоб берди. Ҳамдам шу гапни айтмаса ҳам Зоҳид ботқоққа ботаётганини сезиб турарди. Денгизчи кайфиятининг аъло бўлишига асос бор — ҳар қалай, тоза сув бағридан макон топади. Улар-чи? Қўланса ботқоқданми? Наҳот ботқоқдан қутулишнинг иложи бўлмаса? Зоҳид шу ботқоқда чиримоқ учун илмдан воз кечиб шу йўлга кирганмиди? Чўкаётган одам «тирик қолармикинман» деган умидда хасга ҳам тирмашаркан. Зоҳиднинг кўзига баъзан ўша хас ҳам кўринмай кетади. Ана шундай ҳолда у доно бир маслаҳатчига муҳтожлик сезади. Унга ким доно маслаҳат бера олади? Отасими, онасими? Дардини уларга айтса, жавоблари тайин: «Қўй ўғлим, шу ишингни йиғиштира қол, бу соҳада ким барака топибдики, сен топсанг...» Уларнинг энг доно маслаҳатлари шу. Ё илмдаги устози Ҳабиб Сатторович тўғри йўл кўрсатадими? Унинг айтадиган гапи: «Сен илмга хиёнат қилдинг, энди хиёнатчи сифатида жазо топяпсан...» Балки Ҳамдам Толипов қалб ярасига малҳам қўяр? Унинг маслаҳати ҳам аниқ: «Шартта ушлаш, шартта қамаш, шартта отиш керак! Дастурхончи хотинга ўхшаб ҳамманинг кўнглига қараб иш тутилса, ҳеч нимага эришиб бўлмайди...» Ҳамдам шунга ўхшаш маслаҳатини беради-ю унга амал қилинмаса, бир-икки сўкиб, қўл силтаб қўя қолади. Бу соҳада Зоҳидга жўяли маслаҳат бера оладиган одам — маёр Солиев.

Зоҳид Ҳамдамдан илмоқли гап эшитиб, қалб яраси таталангач, ўзининг ёғига ўзи қоврилиб юрди. Хаёлнинг минг бир кўчасига тентираб кириб, довдираб чиқди. Охири маёр Солиевни топиб, дардини айтди. Бу соҳада турли найрангларга дуч келавериб пишиб кетган маёр шогирдининг гапларини диққат билан эшитиб, сукутга толди.

Зоҳид «бу сукут фикрларимнинг тасдиғи аломати» деган хаёлга бориб, тасдиқни тил билан ифода этилишини, яъни «Тўғри, уларга ишонма, барчаси найрангбоз, товламачи», дейилишини кутиб, ёнмоққа, ёнмоқ нима экан, портламоққа тайёр эди. Пича фурсат ўтгач, ёнмаслиги ҳам, портламаслиги ҳам аён бўлди — маёр у кутмаган гапни айтди:
— Хулоса чиқаришга шошилма, — деди у вазмин оҳангда. — Балки юқоридагилар бир нарсани ўйлашгандир. Сен билан биз бир қўрғонга дуч келганмиз, уни эгаллашга қурбимиз етмайди. Алам қиладиган ери шуки, бу қўрғонни кўз олдимизда тиклашди. Айрим биродарларимиз уларга дастёрлик қилиб, «Мана бу ерини мустаҳкамроқ қилинг», деб маслаҳат беришгани учун ҳам бизнинг бу қўрғонга ҳужумимиз бетонга кесак отган билан баробар бўлади. Бу қўрғонни олиш учун мўлжалга аниқ урувчи замбараклар керак. Бизга ўхшаган пиёдалар ишни бузиши мумкин. Балки қўрғонларининг мутлақ бехавотир эканига тўла ишонишлари учун уларга шароит яратиб беришмоқчидир. Агар уларда шундай ишонч қатъийлашса, зийракликлари сусаяр, қўрғонни бир ҳамла билан олиш имкони яралар?..
— Ўҳ-ҳў... — деди Зоҳид, ҳафсаласи пир бўлиб. — Гапга ҳам тўн кийдирвордингиз. Сиз айтгандай арқон узун ташланса, улар қўрғонларини шундай мустаҳкамлаб оладиларки, кейин ўнта атом бомба ташлаб ҳам тинчита олмайсиз.
— Атом бомба таъсир қилмаса, водород бомба бор, нейтрон бомба бор, — деди маёр Солиев ҳазил оҳангида. Маёр камдан-кам ҳолларда ҳазиллашарди. Ҳозир шогирдини тутаб турганини кўриб, атайин гап маромини ҳазил оҳангига бурган, шу орқали таранг тортилган асаб торларини сал юмшатмоқчи эди. Лекин унинг бу макри иш бермади.
— Мақсуд ака, айтаётган гапларингизга ўзингиз ҳам ишонмаяпсиз. Менинг ўрнимда бўлганингизда нима қилардингиз?
— Ҳе, жўжахўроз, — деди Солиев, энди эркалаш оҳангида, — сенинг ҳолингга мен кўп мартабалаб тушганман.
— Ҳар сафар шунақа чекинганмисиз?
— Чекинмаганман, сабр қилганман. Чекиниш бошқа, сабр бошқа. «Сабрлига тоғлар эгар бошини», деган мақолни эшитмаганмисан?

Зоҳид маёрни тушунмади. Ҳамиша адолат учун курашиб келган одамнинг бу гаплари сабр эмас, чекинишдан далолат эди. Одам суяниб, паноҳ топишни мўлжал қилган қоя тош эмас, нураб, йиқилай деб турган пахса девор экани маълум бўлгач, қандай ҳолга тушади, тасаввур қилиб кўринг-а?

? Зоҳид шу ҳолга тушиб, янглишган эди. Чунки Солиев вазирликка чақирилганини, Асадбекка алоқадор ишларга аралашмай туриш ҳақида топшириқ олганини унга айтмади. Солиев дастлаб сукут сақлаганида шу топшириқни ўйлаган эди. Икки юқори идорадан бир хилда топшириқ бўлдими, бу демак, масала Асадбеклар фойдасига ҳал этилиш жараёнида эмас. Юқоридагилар қандайдир режани пишитишган. Ишга ҳалал бермасликни сўрашдими, демак, бажариш шарт! Солиевга ҳам «Вақти келганда бу ишга сизни жалб этамиз», дейишди. Демак, сабрдан ўзга йўл йўқ. Агар Зоҳидга ўхшаб «бетон деворга кесак отавераман», деса, истеъфога чиқишни таклиф этишлари турган гап.

Солиев шогирдига яна насиҳатлар қилиб, унинг попугини бир оз пасайтирмоқчи бўлди. Лекин қалб ярасига малҳам қўя олмади. Малҳамни икки кундан кейин яна ўша ҳамкасб йигит — Саид Қодиров қўйди.

Зоҳид охирги учрашувдан сўнг энди уни анчагача кўрмасам керак, деб ўйлаган эди, барвақт йўқланиши унинг учун кутилмаган ҳол бўлди. Шу сабабли ажабланганича унинг ҳузурига йўл олди.

Саид Қодиров уни хуш кайфият билан қаршилади.
— Ишлар қалай? — деб сўради у, Зоҳидни ўтиришга таклиф этгач.
— Ишлар ёмон эмас, — деди Зоҳид, сўнг Ҳамдамнинг кесатиқ гапини қистириб қўйди: — Чўкяпмиз!
— Чўкяпмиз, денг? Қизиқ масала... Кимдир чўкса сув айбдорми ё сузишни билмаган одамнинг ўзими?
— Ботқоққа чўкиш учун сузишни билишнинг ҳеч бир аҳамияти йўқ.
— Ботқоққа денг?.. Эски пластинкани айлантиришни яхши кўрар экансиз. Битта ашулани эшитавериш жонингизга тегмайдими?
— Агар ҳақиқат ашуласи бўлса...

Саид Қодиров унинг гапини бетакаллуф тарзда узди:
— Суннатуллаев ишини ёпинг, деб буйруқ беришдими?

Зоҳид фикри бўлинганидан ғашланса-да, сир бой бермай жавоб қайтарди:
— Буйруқ эмас, маслаҳат беришди.
— Сиз-чи?
— Мен ўйлаб кўраман, дедим.
— Кескин тарзда рад жавоби бериб, сўнг бизга рапорт ёзишингиз керак эди.
— Сабаб?

Саид Қодиров жавоб ўрнига савол назари билан тикилди. Зоҳид бу қарашдан «Шунга ҳам фаҳминг етмадими?» деган саволни уқди. «Мен рапорт ёзаман, булар эса рад этишади. Сўнгра Суннатуллаев иши батамом тўхтатилади. Ишнинг ёпилишидан буларнинг ҳам манфаатдор эканликлари аён бўлади. Кимга аён бўлади? Асадбекками? Шахмат ўйинидаги пиёданинг арзимас, ҳеч нарсани ҳал қилмайдиган юриши-ку, бу? Шунақа паст юришлар билан ўйинни ютишмоқчими?»
— Хўп, яхши, — деди Саид Қодиров қатъийроқ оҳангда. — Улар сизга яна айтишади. Унгача мана бу билан танишиб чиқинг. — У шундай деб қоғозлар боғламини узатди. Зоҳид биринчи саҳифага кўз югуртирди: Жамшид Суннатуллаевнинг жиноий иши. Зоҳид бу «Иш» билан юзаки таниш, жиддийроқ шуғулланишга ҳали фурсати етмаган эди. Бу «Иш»нинг Саид Қодиров қўлига тушиб қолганидан ажабланиб, унга қаради:
— Бир қизиқиб кўринг, фойдаси тегиб қолади. Унинг ўлганига ишонмаяпсиз-ку, демак, яна учрашиб қолишингиз мумкин. Қоғозларни менга эрта-индин қайтарасиз.
— Ҳозироқ қайтаришим мумкин. «Иш» билан танишиб, керакли жойларини ёзиб олганман.
— Ёзиб олган бўлсангиз ҳам яна бир марта ўқиб чиқсангиз зарар бўлмас, — Саид Қодиров шундай деди-да, столи тортмасидан қаҳва чиқариб икки пиёлага бир қошиқдан қаҳва кукуни солди. Сўнгра қайнатгични чойнак оғзидан олди.
— Қанд соласизми? — У саволига жавоб кутмай пиёлаларга бир чақмоқдан қанд солиб, устига қайноқ сув қуйди. — Менга устозим «Чўкмаслик йўлини изласанг, қаҳва ич, қаҳва ақлни пешлайди», деган.

Саид Қодировнинг енгил ҳазилини жавобсиз қолдирмаслик учун Зоҳид қаҳвадан бир ҳўплаб, деди:
— Устозингиз бир нарсанинг ҳисоб-китобини қилмабдилар. Бу ҳаёт денгизида чўкаётганлар кўп. Ҳаммага қаҳва етказиб бўлармикин?

Саид Қодиров жилмайиб қўйиб:
— Мабодо сизнинг мучалингиз чумак ари эмасми? — деди.

Қаҳва ичилаётган дамда улар орасидаги расмиятчилик девори чекингандай бўлди. Зоҳид бу одамни дастлаб кўрганида ғашланган эди. Ҳозир Қодировнинг гап оҳангидаги самимийликми ё чиндан қаҳва таъсир этдими, босиб турган ўша ғашлик тутуни кўтарила бошлади.
— Зоҳид, сиз ҳеч илм билан шуғулланишга ҳаракат қилганмисиз?

Суҳбат мавзуининг тўсатдан бу мавзуга кўчиши Зоҳидни ажаблантирди. «Ўтмишимни билиб сўраяптими ё бошқа бир нарсани айтиш нияти борми?» деб ўйлаб, мужмалроқ жавоб қайтарди:
— Сал-пал... ҳаракат бўлган.
— Бизнинг ишимизда ўша «сал-пал»и чатоқ. Илмга «сал-пал» қизиққанимиз учун ҳам чўкамиз. Мана, бизнинг ишимиз нима ўзи? Жиноятни очиш, жиноятчини фош қилиш... ҳоказо, ҳоказо... Мен эсам «бизнинг ишимиз илмнинг айнан ўзи!» дейман. Бу ишга илм нуқтаи назаридан қарамаганимиз учун ҳам чўкамиз.

Сиз ранжиманг, киноя қилаётганим йўқ. Чўкаётганимиз аниқ. Мен сизга бекор қизиқиб қолмадим. Сизда илмий таҳлилга интилишни кўрдим. Мана, кечаги хабар: Русияда бир манякни ушлашибди. Ўн еттита хотинни зўрлаб, ўлдирган. Бу хабар юзаки қараганда мен учун аҳамиятли эмас. Лекин икки йил ичида ўн етти хотиннинг қотили изланган. Учтаси ҳатто «топилган». Аҳмоқликни қарангки, битта хотиннинг эрини қотил деб гумон қилиб, отишга ҳукм қилишган, болаларини етимхонага жойлашган. Агар у аҳмоқлар илмга асосланиб иш юритишганда шундай бўлармиди?
— Бизда аҳмоқлар йўқ дейсизми?
— Ҳа, қойилман. Ҳамма гап шунда. Шунинг учун Суннатуллаевнинг эски «Иш»ини бир кўринг дедим. Менинг фикримча, ҳар бир жиноий ишнинг очилиши — илмий иш. Менга қолса, Суннатуллаевнинг ишини очсангиз, шартта «ҳуқуқшунослик фанлари номзоди» ёки «дўктўри» унвонини бериб юборардим.
— Раҳмат, худди унвонни олгандай бўлдим, — деди Зоҳид кулимсираб.
— Энди ишимизга тааллуқли бир савол: Асадбекка ўхшаганлар, жиноий гуруҳлар нима учун талтайиб кетишди? Улар олдин пастки қобиқда писиб юришарди. Ит қутурса эгасини қопади, дейишармиди? Уларни нима қутуртирди?
— Бунинг сабаблари кўп. Жамиятнинг томир уришига қараб, сабабларни ахтариш керак.
— Сиз бир ахтаринг. Унгача менинг жавобимни эшитиб кўринг. Жамиятнинг касалини эслаганингиз яхши. Асадбеклар пайтдан фойдаланишди.

Ошқовоқ Гдлян тепа томонни сур-сур қилаётганида булар билан ҳеч кимнинг иши бўлмай қолдими? Кадрлар масаласи кўтарилдими? Кўп жойлар бўшадими? Булар ўша жойларга ўзларига содиқ одамларини тиқиштира бошлашдими? Ўртада пул деган нозанин ўйнадими? Бу нозанин бир карашмаси билан неча жонларни беҳалавот қиларкин? Булар ҳали ҳам ўша-ўша замон деб ўйлашяпти. Ҳали ҳам айтганларини қонун деб ишонишади. Бир жиҳатдан шундай деб ўйлашлари ҳам дуруст. Илм деганим — рентгендай гап. Биз уларнинг ўпка-жигарларигача кўриб туришимиз шарт. Бўлмаса касалнинг илдизини топа олмаймиз... Устозим тўғри айтган эканларми, қаҳва ақлни пешларканми? Яна биттадан ичамизми?

Зоҳид пиёлани четга суриб, илтифоти учун Саид Қодировга раҳмат айтди-да, кетишга ижозат сўради. У остона ҳатлаб хонага киришида эзгин кайфиятда эди, чиқишда бошқа ҳолда бўлди. «Гапи бошқа, иши бошқаларга ўхшамайди», деб ўзига-ўзи таскин берди.

2

Жамшид Суннатуллаевнинг аввалги жиноий ишини ўрганишни Зоҳид эътиборга молик масала деб ҳисоблаган бўлса-да, бу вазифани бажаришни кейинроққа қўйган эди. Саид Қодировнинг ҳузуридан чиққач, Жамшид ўсмирлик чоғида ишлаган идорага қараб юрди. У «Иш» билан дастлаб танишган чоғида пала-партишликни, даъвогар қизнинг терговдаги гаплари билан судда айтганлари орасида мантиқий боғланиш бузилганини аниқлаган бўлса-да, ҳали унда «Суннатуллаев туҳмат билан қамалган экан-да?» деган фикр уйғонмаган эди. Ҳозир боришидан мақсади ҳам туҳматни фош этиш эмас, балки Суннатуллаевнинг «Иш»ига аниқлик киритиш, Асадбекнинг тўдасига қандай кириб қолганини билишга интилиш эди.

У Жалол Комиловнинг шахсини оз бўлса-да, аниқлаштирди. Жиноятчилар кўчасига қандай кирганини тахмин қила олди. Энг муҳими — осилган одамнинг Жалол Комилов экани аниқ. Ҳамдам ҳатто унинг лақабини ҳам аниқлаштириб берди — Шилимшиқ. Зоҳид буни эшитиши билан «Шилимшиқ бўлса, ўладиган одам экан-да», деб ҳам қўйди.

Жамшиднинг «Иш»и ҳийла мураккаб, чунки «ўлди» деган фикр билан кўмилса-да, аслида тирик бўлиши ҳақиқатга яқинроқ. Комилов билан Суннатуллаевнинг бир жиҳати ўхшаш — икковига ҳам аза очилмади. «Вой, жигаре-эм!» дейдиган одам топилмади. Ахир қариндош-уруғлари бор-ку, улар нима учун жим? Улар йигитларнинг нима иш билан шуғулланишганини билишганми, билганлари учун «Ўлгани яхши бўлибди», деб қўя қолишганми? Ё қўрқишганми? Кимдан қўрқишади?

Кузнинг бир оз изғиринли, аммо ёқимли шабадаси эсиб турган хиёбондан юриб бораётган Зоҳид бу ҳақда аввал ҳам ўйлаган, аввал ҳам «Кимдан қўрқишади?» деган савол деворига бошини уриб, тўхтаган эди. У бир нарсани идрок қила олмаётган эди: Комилов ҳам, Суннатуллаев ҳам Асадбекнинг одамлари. Бир хилда ўлдирилди. Бундай ҳолда Асадбек индамай кетаверадиган латта одамми? «Ўзи ўлдиртирган бўлса-чи?» деган тахмин ўринсиз. Агар ўзи ўлимга ҳукм қилса, бундай намойишкорона осиб қўймас эди. «Балки бошқаларга ўрнак бўлсин», дегандир?

Барибир бундай йўл тутиши ақлдан эмас. Зоҳидни кўпроқ қийнаган савол бегона одамнинг мурдасини «Жамшид Суннатуллаев» деб кўмишлари. Бу ўзларининг найрангларими ё гўлликларими? «Сиз кўмган одам Суннатуллаев эмас», десак қидиришадими? Ё уни ўзлари яширишдими?..

Саволлар Зоҳиднинг назарида қават-қават қўйилган бетон деворга ўхшарди. Бу деворни йиқиш учун Саид Қодиров айтгандай «Илм» деб аталгувчи портлатгич зарур.

Зоҳид хиёбондан ўтгач, автобусга чиқди. Ярим соат деганда Жамшид ишлаган идорага етиб борди. Кенг даҳлизнинг бошланишига қўйилган эски ёзув столи ёнида ёшлари олтмишлардан ошган икки киши чойхўрлик қилиб ўтиришарди. Идорага кириб келган бегона одамни кўриб икковлари уни савол назари билан қаршиладилар. Зоҳид одоб билан салом бериб кўришгач, улардан бири чой қуйиб узатди-да:
— Келинг, иним, бировни излаётганга ўхшайсиз? — деди.
— Қаердан билдингиз? — деди Зоҳид чой ҳўплаб.
— Биламиз-да, шу ерда ўтириб ризқимизни териб еганимиздан кейин ким келди, ким кетди, кимнинг дарди нима — сезиб турамиз-да.
— Бу ерда анчадан бери ишлайдиганга ўхшайсиз, а?
— Олтинчи йил кетяпти. Мамасодиқнинг бир оғиз гапи билан иссиқ жойимни ташлаб келганман.

Бунинг ўзи йигирма йилдан бери шу ерда. Галма-гал турамиз. Ҳозир исмен алмашадиган пайтга келдингиз. Исмен баҳона иккита чол валақлашиб оламиз-да.

Зоҳид чойни ичиб бўлиб пиёла узатгач, мақсадини айтди:
— Мамасодиқ ака, бундан ўн икки ўн уч йил олдин шу идорада Жамшид деган йигитча ишлаган экан, эслайсизми, бир қизни зўрлайман, деб қамалиб кетган экан?
— Жамшидми? Суннатвойнинг ўғлини айтяпсиз-да, а?
— Ҳа. Бир қизни...
— Бўлмаган гап! Бояқиш мўмин-қобил бола эди. Отаси ҳам тилла одам. Ҳозир ётиб қолган...
— Ёш бола нарсага шайтон васваса қилган бўлса, кўзи қонга тўлган пайт шўхлик қилгандир, — деди Мамасодиқнинг шериги.
— Э, йўқ, қўйсангиз-чи бу гапларни, — деди Мамасодиқ бош чайқаб. — Сиз уни кўрмагансиз, билмайсиз. Шайтонга бўйин эгадиган боламас эди. Бу ерда бир туҳмат бўлди чоғи.
— Ёш ўсмирда кимнинг хусумати бўлиши мумкин? Ё отасининг душманлари бормиди?
— Бунисини билмайман, ука, сиз нима учун суриштириб қолдингиз?
— Мен прокуратураданман, — Зоҳид шундай деб ҳужжатини кўрсатди. — Сиз айтгандай туҳмат бўлиши мумкин. Туҳматлиги аниқланса, у оқланади.
— Ие, ҳалиям қамоқдами у? — деб ажабланди Мамасодиқнинг шериги.
— Э, йўқ, — деди Мамасодиқ, — икки йилми уч йилми ўтириб чиқди. Энди оқлашларингнинг нима фойдаси бор? Онаси бу шармандаликни кўтаролмай ўлиб кетди. Отаси ишдан бўшади. Иссиқ жойини совутди. Оқибат на ўликмас, на тирикмас — ётибди.
— Шундай дейсиз-ку... оқланса... ҳар ҳолда елкасидаги шармандалик юки олиб ташланади-ку?
— Барибир фойдаси йўқ. Уни оқлаб, туҳмат қилганларни қамаш қўлингиздан келадими? Келмайди-да. Шунинг учун фойдаси йўқ, дедим.
— Сиз туҳмат деяпсиз. Ўша пайтда нима учун айтмагансиз?
— Биз киммиз, бизнинг гапимизни биров сариқ чақага олармиди? Қоровулнинг гапини эшитадиган қулоқ борми ўзи? Ўшанда бирдан миш-миш тарқалди. Терговчи келди, опа билан гаплашди. Опа кимни чақирса, ўша гувоҳлик берибди. Ўша куни мен исменда эдим, биров бир нима деб сўрамади. «Сендан сўрашни исташмаётибдими, сен бир фақир одам, лозим бўлмаган ишга бурнингни тиқма», деб жим қолавердим-да.
— Сиз Жамшиднинг зўрлаши мумкинлигига нима учун ишонмаяпсиз?
— Э, иним, зўрлайдиган боланинг кўзи ўйнаб туради. «Ғунажин кўзини сузмаса, буқача арқонини узмайди», деган мақолни эшитганмисиз? Жамшидники эмас, ўша... ҳажиқизнинг кўзи ўйнаб турарди. Ғаркўз эди у. Ҳозир ҳам ўйнаб туради. Унинг ўзи Жамшидга осилиб, лабини чўзиб юрарди. Иморатни кўриб турибсиз. Шу учинчи қаватдан ўзини ташлаган одам тирик қоладими? Хўп, адолат қилмоқчи экансиз, юринг, кўрсатай.

Мамасодиқ шундай деб ўрнидан турди-да, ҳовли томон юрди.
— Ана, осма тик тарновни кўряпсизми, дераза ёнидан ўтган. Ўшанга осилиб, манави томга тушган, ундан ерга сакраб, дод-вой қилган. Деразадан ташлаган одам ҳеч бўлмаса манави томга тушади, ҳеч бўлмаса тунукани пачоқ қиладими?.. Гап шу укам, адолат қиламан, десангиз, ўша ҳажиқизнинг бўйнига қўйиб, қаманг.
— У ҳозир қаерда, билмайсизми?
— Қаерда бўларди, гўрга кетадими, шу ерда. Опанинг муовини ҳозир. Номи муовини, аслида опа ҳамма ишни шунинг қўлига топшириб қўйган. Бу шайтоннинг урғочисидан ҳамма безор.
— Гапингизга қараганда уни ёмон кўрадиганга ўхшайсиз.
— Мен ёмон кўрдим нима-ю яхши кўрдим нима, фойда-зарари йўқ ҳеч кимга. Мен бир қоровул одам бўлсам, келаётганида ўрнимдан туриб саломимни бераман, ҳушига келса алик олади, келмаса йўқ, алик олмасанг онангникига, деб қолавераман.

Идора ходимларига ачинаман-да. Баъзан дуч келганни итдай қопади. Ё қудратингдан, бу ялмоғиз доим чап ёни билан турадими, дейман. Ҳузурига кирмоқчи бўлганлар зириллаб туришади. «Ҳажиқизнинг кайфияти қалай, кирсак бўлармикин?» дейишади.

Зоҳид тажангроқ кўринган Мамасодиқнинг бу гапларини эшитиб кулимсиради:
— Унда мен ҳам сўрай: кайфияти қалай, ҳозир кирсам бўлармикин?
— Бугун қопадиган куни. Қўрқмасангиз, кираверинг.
— Қопса қопар, дўхтирга бориб қирқта укол олсам, тузалиб кетарман, қутурмасман.

Зоҳиднинг ҳазили Мамасодиққа маъқул келиб, жилмайди.

IV боб

1

Ўзининг ўрмонига сиғмаган бир шер бошқа бир ўрмонга бориб қарасаки, ўзидан зўрроғи йўқ. Шунда у беҳад қувониб «Мен шу ўрмоннинг шоҳ-арслониман! Ҳамма қаршимда тиз чўксин!» деб наъра тортибди. Бу нодон ўйламабдики, бу ўрмоннинг ўз хўжаси — арслони бордир, у пинакка кетгандир, ҳадемай уйғонар, уйғонса иш расво бўлар...

Ўз кўнглича шаҳарга якка ҳоким бўлиб олган Ҳосилбойвачча ана шу нодон шер тоифасидан эди. Енгил-элпи ғалабалар билан шу мартабага етган у ақли қосир мутлақ ҳокимликка эришмоқ учун биттагина асосий ғалаба етарли деб ўйлади. Агар у қиморбоз бўлса эди, ошиғи ҳамиша олчи туриши мумкин эмаслигини биларди. У ошиқ тепишни яхши ўрганмай туриб бор мулкни, ҳаттоки жонни тикди. Тикди-ю, Асадбекнинг ошиғи олчи туриб, у ютқизди. Агар Ҳосилбойвачча дин аҳлидан, ёинки уларга яқинлардан бўлса эди, «Иза тавотиру аала аҳадикум ан ниаъму фал-ябки аала нафсиҳи фа қод салика ғайра тарийқус-солиҳин»[3] ҳикматининг маънисини чақармиди. Афсуски, у ўз ҳолига йиғлай олмай кетди.

Ҳар бир қуш қаерга, қандай ин қуришни билади. Буни билибдими, демак, яшашдан мақсади не эканини ҳам англайди. Жонзотлар орасида энг онглиси ҳисобланувчи инсон вакили бўлмиш Ҳосилбойвачча қуш билган нарсага фаҳми етмади. Чумчуқ ҳеч қачон бургут уясини орзу қилмайди. У эса орзу қилди... Чумчуқ билан бургутнинг қаноти ҳам, чангали ҳам ҳар хил бўлишини билмади...

Асадбек эса бу ўйинда ютишига ишонарди. Инсон қалби ҳақиқатдан, адолат ва мурувватдан ўз хоҳиши билан эмас, ўзи билган ва билмаган куч орқали зўрлик билан узоқлашади. Асадбек уни ўлдиришни истамаган эди. У Ҳосилбойваччанинг кўп қилиқларини кечириб келарди.

Айрим издиҳомларда «Шу бола охири тўқмоқ ейди», деб қўярди, лекин «шу тўқмоқ билан ўзим урсам керак», деб ўйламасди. «Ёвни аяган яра ер, калтагини сара ер», деб бежиз айтишмаган. Асадбек бу мақолни билмас эди, аммо у «Сенга зулм қилсалар, сен ўн карра зулм билан жавоб қайтар», деган ўз ақидасига содиқ ҳолда яшарди. Ҳосилбойваччанинг зарбидан сўнг қуёш юзи тўсилиб, совуқ бош кўтаргани каби, Асадбекда зулм уйғонди. Афсус шуки, кечроқ уйғонди. Асадбек Ҳосилбойваччанинг зарбага шайланаётганини сезган эди. Қилич Сулаймоновнинг «Шу иш баҳона бўлиб Асадбекни йўқотиш керак. Бу шаҳарга хўжайинлик қилиш фақат сизга ярашади», деган гапларини ёзиб олиб тақдим этиши ёки Элчинни тўйда ҳақоратлашга журъат этишининг ўзиёқ огоҳлантирувчи зарбалардан эди.

Асадбек «Ҳосилбойвачча кучлироқ зарба беришга қодир эмас», деб янглишди.

Асадбекнинг кейинги кунлардаги аҳволини кўрган Чувринди «касаллик хуруж қиляпти», деб хавотирланди. Асадбек эса касалини қарийб унутган, бутун фикри-зикри Ҳосилбойваччада эди. У кўзларини юмди дегунча қизи шармандали ҳолда гавдаланар, бу манзара темир тирноқлар билан руҳини эзарди. Унинг инграшлари тан азобидан эмас, руҳ қийноғидан эди.

Ўша куни қизи титроқ овозда, «Ада, сиз ҳеч кимни ўлдирмайсиз, уларни ўзим ўлдираман», деганида зимистон кўнглига бир ёруғлик мўралади. Эҳтимол, қайси бир ота шундай фожиага рўпара бўлса-ю, қизи қасос истагида шундай деса, балки «Майли, қизим, ўч ол!» дер. Лекин гап шундаки, у «қайси бир ота» эмас. У — АСАДБЭК!

У эркак билан аёлнинг вазифаларини ажрата олади. Ўлар ҳолида ҳам бу ишни қизига қолдирмайди. Агар ўғиллари шу ерда бўлишганида, шубҳасиз, улар сингилларининг топталган номуси ҳаққи қасос олишга отланишарди. Аммо ўшанда ҳам Асадбек уларнинг йўлини тўсган бўларди. Чунки фарзандларини ёвуз шамолдан асрай олмаган ота каби у ўзидан-ўзи нафратланарди. Энг муҳими — Зайнаб номуси бир восита, шу орқали ўзининг номуси булғанганини яхши идрок этади. Агар ўз номуси учун қасос олишга қурби етмаса, эркакман, дейишни хайф санайди.

У мағрур яшади. Ўлаётганида ҳам мағрур тарзда ўлишни истади. «Қасоссиз кетсам, ётқизиб кўма олмайсан, гўримда тик тураман» дегани шунчаки оддий гап эмас, қалб нидоси эди.

У ота ҳовлисига қадам босганида ҳолсиз эди. Чувринди буни касаллик ҳукми деб ўйлади. Режа амалга ошгач, Асадбек уйдан битта-битта босиб чиқиб келди. У энди бир неча соат илгариги ҳолсиз одам эмас, қаддини мағрур тутувчи Асадбек эди.

2

Бири кам дунё, деб шунга айтадилар.

Мўлжалдаги ишни ўйлаб-ўйлаб обдон пишитасан. Нимадан бошлаб, нимадан тугатишгача белгилаб оласан. Тўсиқ бўлувчи ё халал берувчи, ёйинки ўйлаганингни чиппакка чиқариб юбориши мумкин бўлган юз (балки минг) тасодифларни ҳисобга оласан. Йўлингда ўша ҳисобга олганинг юз (балки минг) тасодиф эмас, етти ухлаб тушингга кирмаган юз (балки минг) биринчи тасодиф қад ростлайди. Бу тасодиф тўсиғини янчиб ё айланиб, ёйинки ошиб ўтишни билмай гаранг бўлиб турганингда мўлжалингдаги ишингдан латта ҳиди келиб қолади.

Қаддини мағрур тутиб, ўлжалари ёнига яқинлашаётган Асадбекни ўша юз (балки минг) биринчи тасодиф кутарди.

Унинг режаси оддий: бир ўқ билан икки қуённи урмоқ эди. Асадбек Ҳосилбойваччанинг Ғилайсиз келмаслигини биларди. Ўқ овозини эшитган Ғилайнинг ҳовлига отилиб киришини ҳам ҳисобга олган, шу сабабли ҳам Чувриндига изма-из келишни тайинлаган эди. Ғилайнинг пистирмада турганига амин бўлгани учун ҳам тўппончани Элчинга берди. Элчин довдираб, нима бўлаётганини англаб етгунича Ғилай уни даф қилиши, сўнг ўзи ҳам шу ерга беҳуш чўзилиши лозим эди. Дастлабки режа бўйича Шомил ҳам жон бериши керак эди. Асадбек арқонни узун ташлаб, бу ишга Хонгирейнинг ҳам аралашиши мумкинлигини ҳисобга олиб, унга омонлик беришни лозим топди. Вазифа бир оз енгиллашди, айни чоқда чигаллашди.

Ўлжасига яқинлашаётган Асадбек ўз хаёлича қурган қасос иморатининг бир томони ўпирилаётганидан бехабар эди. У «икки малъуннинг оққан қонини кўриб, кўнглим таскин топар, қалбни бураб азоб бераётган омбур кучдан қолар», деб ўйлаб адашган эди.

Ўқлар зарбидан чалқанчасига йиқилган Ҳосилбойвачча булутли осмонга тикилиб, нажот кутаётгандай эди. У тириклигида ҳам кўзларини чақчайтиргувчи эди. Асадбек шу чақчайган кўзларни дастлаб кўрганидаёқ ёқтирмай, тўдага қўшмаганди. Ҳозир ҳам унга қараб баттар ғашланди. Элчиннинг қўлидан тўппончани олиб икки ўқ билан бу чақчайган кўзларни йўқ қилмоқчи бўлди. Энгашиб, куёви чангалидан тўппончани олмоқчи бўлганида Элчин ингради. Бу овозни эшитиб, Чувриндига «Ўлмабди-ку?» деган савол назари билан қаради. Ғилайнинг қўлидан тўппончани олишга улгурган Чувринди «отайми?» дегандай шайланди. Учинчи ўқ отилмай туриб Ғилайга зарба бергани учун у ўзини айбдор ҳис қилиб, хатосини тўғриламоқчи бўлди. Ана шунда Асадбек бир қалқиб кетди.

Куёвини ўлимга ҳукм қилганида дийдаси қаттиқ эди. Унинг қатъий фикрича, Элчинга бундан бўлак мукофот бўлиши мумкин эмас эди. У «Элчиннинг юраги кўпдан бери бир-икки ўқни соғиниб қолган», деб ўйларди. Аслида Элчиннинг юраги Зайнаб ўғирланган кунлариёқ қўрғошин ўқларни ютиб, тепишдан тўхташи лозим эди. Зайнабнинг кейинги тақдири, шармандалик чодирига ўралишининг сабабчиси ҳам Асадбек назарида Элчин эди.

Асадбекнинг қўлқоп кийиб олганига Элчин ажабланганди. Ҳолбуки, қўл совқотадиган даражада аёз тушмаган эди. Элчин тўппончада бармоқ излари қолмаслиги учун қўлқоп кийилганини, тўппончада Ҳосилбойваччанинг қотили эмас, балки ўзининг бармоқ излари қолажагини қаердан билсин? Ҳосилбойваччага ўқ узган тўппонча Элчинда, Шомилники эса Ҳосилбойвачча қўлида бўлгач, милиса чақирилиши мўлжалланган эди. Ана ўшанда милиса бир-бирини «ўлдирган» икки нодон «Иш»и билан шуғуллана бошларди.

Режадаги иш ниҳоясига етай деганида Элчин инграб ётибди, жони қаттиқ экан, ўлмабди. Бу хатони тузатиш осон — бир имо қилса бас, Чувринди ўқ узади. Лекин... имо қилишга журъат эта олмади. Кўз олдида паришон Зайнаб кўринди. Қулоғи остида унинг «отманг!» деган ҳайқириғи эшитилгандай бўлди. Бир сониянинг ўзида, Элчининг ҳаёти қилга осилиб турган нафасда Асадбек ўзи кутмаган ҳолга тушди. Унинг рўпарасида, паришон Зайнабнинг ёнида Элчинни отилажак ўқдан ҳимоя қилгандай онаси, сўнг... хасталикдан озиб кетган кичкина Самандар кўринди. Асадбек бу ҳолатини кейинчалик ҳам кўп ўйлади. Онасининг кўзига кўринганини тушуниш мумкин. Онасининг руҳи набираси Зайнабнинг тақдирини ўйлаб набира куёвнинг ҳаётини сақлаб қолмоқ учун безовта бўлгандир? Самандар-чи? Гўдак укасининг руҳи нечун безовталанди? Бу саволга Асадбек кейинроқ жавоб топишга ҳаракат қилади.

Айни дамда Чувринди изн кутиб, ҳожасига тикилади. Асадбек эса кўзига кўринаётган яқинлари олдида ожиз.

Пайғамбар афандимиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) намоз сўнгида ўнг томонга салом бериб, чап томонга салом беришга улгураманми, йўқми, Худо билади, деган эканлар. Киши олган нафасини чиқара оладими ё у нафас билан жони қўшилиб чиқадими — билмайди. Билмагани ҳолда худди дунёда мангу қоладигандай мағрур юради. Қорни бир коса овқатга тўйгани ҳолда дошқозонда тўла ош бўлмоғини истайди. Шу учун курашади, ён-атрофидагиларни босиб-янчади. Суягини қизғаниб ириллаган итдан кулади, ўзи эса фақатгина ириллаб қўя қолмайди, ғаним деб билгани биродарига ташланади, кекирдагидан олади. Умри давомида бу дунёнинг ҳою-ҳаваслари деб неча одамнинг руҳини мажақлайди. Ғофил банда... ўзича олтмишми ё тўқсон йилми умр кўрадигандай керилиб юради. Ҳолбуки унинг умри биргина им қоқиш билан узилиши мумкин.

Мана, ҳозир Асадбек биргина имласа тепки босилади, ўқ кўз илғамас тезликда оловли из қолдиради-ю, Элчиннинг иссиқ қалбидан макон топади. Тамом-вассалом.

Чувринди ҳожасидан изн кутади. У нодон банда «отарчининг ҳаёти бегимнинг қўлида», деб ўйлайди. У билмайдики, олам тиғи жойидан қўзғолган тақдирда ҳам Худо хоҳламаса, бирон томирни ҳам қирқолмас. Бу онда Яратган тақдир ёзуғига хиёнат қилмади — им қоқилмади, тепки босилмади, ўқ ўзининг совуқ маконида қолди.

Асадбек бир зумгина кўзларини юмди-ю, темир тирноқлар ҳукмидаги қалб азобидан инграб юборди. Сўнг Элчин қўлидан тўппончани олди-да қасос ўтининг забтиданми ё куёвини ўлимга ҳукм этишга журъати етишмагани аламиданми, кўзларни мўлжалга олишни ҳам унутиб, барча ўқларни жонсиз жасадга қадади. Чувринди ҳожасини шу пайтгача бу аҳволда кўрмаган эди. Шу сабабли унинг важоҳатидан бир оз чўчиди.

Асадбек бир неча нафас ҳаракатсиз тургач, бурилиб, уй томон юра бошлади. У энди яқиндагина мағрур қадамлар билан уйдан чиққан Асадбек эмас, ўлим тўшаги сари бораётган хаста одам кўринишида эди. Уч-тўрт қадам босгач, у тўхтаб, ўгирилди:
— Дўхтирга олиб бор.

Шундай деб уйга кириб кетди.

Чувринди режа ўзгарганини фаҳмлади. Ҳожасидан «яна нима қилай?» деб сўрамади. Асадбек гапни чўзмадими, демак, бу ёғи унинг фаҳм-фаросатига боғлиқ. Чувриндини Яратган фаҳм-фаросатдан қисмагани эса Асадбекка маълум. Агар ҳозир Кесакполвон бўлганида «Ғилайни боғла, Отарчини дўхтирга олиб бор, «уйида кимдир отиб кетибди», де, қоронғу тушганида Ҳосилни кўмиб кел», деб бирма-бир тушунтирган бўларди.

Чувринди тезлик билан ҳаракат қилиб, аввал ипак каноп билан Ғилайнинг қўл-оёқларини боғлади, сўнг елимли тасмани оғзига ёпиштирди. Шундан кейингина Элчин устига энгашиб, биқин томони қонга беланганини кўрди.

Ҳалимжон Чувриндининг топшириғи бўйича изма-из юриб келиб, энди эшикнинг нарёғида амрга маҳтал турган эди. Чувринди ичкаридан «машинани олиб кел!» деб бақиргач, катта кўча томон югурди.

Асадбекнинг «дўхтирга олиб бор», дегани «куёвимнинг жонини асраб қол», деган маънони англатишини Чувринди биларди. Касалхонага олиб борса, бундан милиса огоҳ топади, милиса билдими, кавла-кавла бошланади. Бусиз ҳам Шилимшиқ билан Жамшид(?)нинг ўлими уларнинг бошлари узра бало булутидай соя ташлаб турибди. Қўллари узун бўлгани билан ҳамма ёққа етавермаслигини бошқалар билмаса ҳам Чувринди пайқайди.

Айниқса, Зоҳид cўроққа чақирганида, уйига келганида юраги нохушликни сезди. Энди Элчин отилгани билан шуғулланишса, латта иси келиши ҳеч гапмас. Етти қўшнидан ҳеч бўлмаса биттаси беш-ўнта ўқ овози эшитганини айтиб қўяди. «Хў-ўш, — деб ўйлайди терговчи (балки ўша прокуратурадаги Зоҳиддир?), — иккита ўқ Элчиннинг биқинида, қолганлари қани?».

Чувринди машина келгунича бир қарорда тўхташи шарт эди. Элчинни уйига олиб бориб, сўнг табибни олиб келиш кўп вақт талаб қилади, бу вақт ичида ярадор омонатини топшириб қўйиши ҳеч гап эмас. Режа ўзгарганидан кейин эса, унинг ўлиши сира ҳам мумкинмас... Чувринди аввал Элчинни уйига олиб боришга, Зайнабни огоҳлантирганидан сўнг касалхона сари юришга аҳд қилди. Элчиннинг уйига боргач, бу режасини яна ўзгартирмоққа мажбур бўлди.

3

Дорининг хумори тутиб тўлғонаётган Зайнабни кўрган Чувринди масала янада мураккаблашганини билди. Ҳозир Зайнабга гапириш фойдасиз эди. Шу сабабли Элчинни касалхонага ташлаб, сўнг орқага қайтишга қарор қилди. Шу бугун, айниқса, шу дамда содиқ йигитларига эҳтиёж сезди. Зайнабни ёлғиз ташлаб чиқаётганида Жамшидни қўмсади. У бўлса эди, иш бир оз енгиллашарди. Зайнабни табибга олиб боришни, энг муҳими — «Элчинни отган одамни кўрган» бир-икки гувоҳ топишни унга бемалол ишонса бўларди. Тўғри, йигитлар орасида ишончга сазоворлари ҳам бор, аммо уларни бундай қалтис ишларга жалб қилишга кўнгли чопмайди. Йўлда кетатуриб, Ҳалимжонни ёнига олганидан пича афсусланди. Гарчи Ҳалимжон қайси бир жиҳатлари билан Жамшидни эслатса-да, беғубор кўзлари ҳалоллигидан дарак берса-да, баъзан қарашларида «мендан эҳтиёт бўл» деган ўт чақнаб қолади. Чувриндининг зийрак нигоҳи бу ўтни илғайди. Илғагани учун ҳам эҳтиёт чораси ҳақида ўйлайди.

Энг яқин ёки биринчи дуч келган касалхонага олиб бориш — кутилмаган фалокат илонининг думини босиб олиш демакдир. Ҳар бир касалхонада бир-икки таниши ёки ишончли одамлари бўлса-да, масала ЭНГ ишончли одамлар ёрдамида ҳал этилажаги сабабли шаҳарнинг кунботар томонидаги янги касалхона томон юрди.

Чувринди орқа ўриндиқда, Элчиннинг бошини тиззасига қўйган ҳолда ўтирарди. Дам-бадам унинг пешанасини ушлаб қўяди. Бир маҳал Элчин қаттиқ ингради. Чувринди кафтини унинг пешанасига босиб:
— Ҳофиз, озгина чиданг, ҳозир касалхонага етамиз, — деди. Сўнг сўради: — Ҳофиз, гапимни эшитяпсизми? Мен — Маҳмудман, жавоб беринг, эшитяпсизми?

Бир неча нафасдан сўнг Элчин инграб жавоб берди:
— Ҳа...
— Бек акам ўч олмоқчи эдилар. Фалокат оёқостидан чиқиб қолди. Буни кейин тушунтириб бераман. Ҳосил ўлиши шарт эди, ўлди. Аммо буни ҳеч ким билмаслиги керак. Сиз ҳам унутинг. Гапимни эшитяпсизми? — Чувринди «бу гап сенга ҳам тегишли» дегандай Ҳалимжонга бир қараб олди. — Ҳофиз, эшитяпсизми?

Элчин бу сафар ҳам қийналиб «ҳа» деб қўйди. У Чувриндининг овозини қудуқ тубида туриб эшитаётгандай эди. Шу сабабли Чувриндининг гапларини дуруст идрок қилолмади.
— Ҳофиз, — деди Чувринди, — сиз йўлда кетаётган эдингиз, бир машина қувиб ўтиб, тўхтади. Машинадан тушишингиз билан сизни отди. Отган одамни танимайсиз. Гапимни эшитдингизми?

Элчин жавоб бермади. У қудуқ тубига чўкиб борар, Чувриндининг овози эса тобора узоқлашарди.

Чала қурилган иморатлар ёнидан ўтишаётганда Чувринди Ҳалимжонга қараб:
— Ҳофизни шу ерда тасодифан кўриб қолиб, машинангга олдинг. Бошқа ҳеч нарса билмайсан, — деди.

Ҳалимжон маъқул ишорасини қилиб, жим кетаверди.

Касалхона ҳовлисига киришлари билан машина тўхтаб, Чувринди тушиб қолди. Машина қабул бўлими сари юргач, у асосий бино томон йўналди. Керакли одамни топиб, изоҳ бериб ўтирмади, буйруқ қисқа бўлди — у ўлмаслиги керак!

Табиблар, ҳамширалар ярадор атрофида гирди-капалак бўлишаётганида Асадбекнинг болохонасидаги телефон жиринглади. Ҳофизнинг машинасини қаерга элтиб қўйиш хусусида буйруқ олган икки йигит тезлик билан йўлга тушди.

4

«Мен сенга қасос олиш қанақа бўлишини кўрсатаман. Ҳозир ўлиши керак бўлган одам сенинг ҳам, менинг ҳам номусимни булғади...»

Асадбек шундай деб кўча эшигига тикилди. Элчин эса у айтган гапларнинг асл мағзини чақиш учун бир унга, бир кўча эшигига қаради. Асадбекнинг шахсан ўзи қасос олмоқчи бўлаётгани унга ажабтовур туюлди. Биттагина имосига илҳақ ўнлаб йигитлари турганида тўппонча яланғочлаб, дераза панасида пусиб ўтиришнинг боисини англаб етиши мушкул эди.

«Ўлиши керак бўлган одам ким? —деб ўйлади Элчин. — Иккимизнинг номусимизни булғаши мумкин бўлган ким экан? Жамшидми? У қайтиб келганми? Уни нима учун ўлдига чиқаришди? Энди чиндан ҳам ўлдирмоқчими? Зайнаб... демак, ўшанда тўғри айтган экан-да... Мен лақма...»

Зелихон Сочидан телефон қилганидан бери буларнинг ўйинига тушунолмай гангиб юрган Элчин яна халта кўчага кириб довдиради. Агар ҳозир эшик очилиб, Жамшид кириб келса-ю, Асадбек уни отса... сўнг... «Чотингда безинг бўлса, бу ювуқсизни топиб ўзинг ўлдиришинг керак эди. Қасоскорман, деб катта кетишни биласан. Сен эркакмисан, сен — даюссан!» дейдими?..

Хаёлига дафъатан келган бу фикр бутун баданини, бадани нима экан, оёқларининг бармоқларигача, бармоқлар нима экан, тирноқларигача музлатиб юборди!

То кўча эшиги очилиб, остонада Ҳосилбойвачча кўрингунига қадар Элчин Жамшидга қараб ўқ узилишига амин эди. Шу сабабли Ҳосилбойваччанинг совуқ башараси кўрингани ҳамон ажабланиб, қайнотасига савол назари билан боқди: бунинг айби нима? Тўйда мени хорлаганими? Наҳот шунинг учун?.. Уйғонган саволлар оқими охирига етмай ўқ узилди. Сўнг Асадбек тўппончани узатиб, қаҳрли овоз билан амр этди:
— Чиқ тез, ўлмади шекилли, қўлим титради. Тирик бўлса, от!
— Нимага?
— Чиқ деяпман! Зайнабни булғади бу, эшитяпсанми?! Эркакмисан, ўзинг?

Элчин бу гапга ишонқирамаса ҳам, вужудида уйғонган бир куч тўппончага қўл узатишга мажбур этди. Асадбек яна бақиргач, ҳовлига чиқди. У Асадбекнинг гапларидан тамоман гангиган эди. У қаттиқ ерда юриб эмас, гўё саволлар ботқоғига тобора ботиб борарди.

Асадбек «от!» деб буюрди, у амрга итоат этиб, ҳовлига чиқди, ўлжа сари юриб боряпти. Лекин тепкини боса оладими ё йўқми — аниқ билмайди. Чунки Ҳосилбойваччанинг гуноҳидан бехабар. «Зайнабни қанақасига булғаши мумкин? Ахир Зайнаб ўз оғзи билан Жамшидни айтган-ку? У расвони деб ўлмоқчи бўлди-ку?..» деб гарангсийди.

Асадбек режа тузаётган чоғида Элчин Ҳосилбойваччани отгани чиқадими ё рад этадими, деб кўп ўйлаган эди. «Хотинини бундай ҳолатда кўрган ҳеббим ҳам чидаб туролмайди», деган фикр режанинг тўлиқ амалга ошишига ишонч туғдирарди. У Элчин қалбида ғазаб гулхани ёқиш учун Зайнабнинг ҳаммомдаги шармандали ҳолати тасвирини кўрсатмоқчи ҳам бўлди. Шу фикрга келиши билан ўзи уятдан ёрилиб кетай деди.

У куёвини ўлимга ҳукм қилган эди. Аммо ўлимнинг тотли лабидан ўпмоқ арафасида турган бу одамга ҳам тасвирларни кўрсатишга журъат қила олмади. Ҳосилбойваччанинг айбини отиш олдидан қисқа тарзда баён қилишни ҳам ўйлади. Бироқ, бунга ҳам тили бормади. Ўқ узилгач, «Зайнабни булғади бу!» дейиши эса Элчинда ғазаб гулханини ёқа олмади, балки савол ботқоғига ботирди.

Қатъиятсизлик билан қадам босиб бораётган куёвига қараб, Асадбек ғижинди. У нишонни аниқ олганига, ғанимнинг жон таслим қилганига ишончи комил эди. Яна тўққиз-ўн қадам қўйгач, бир неча ой куёвлик либосида юрган Элчин ҳам «бахтиёр» ҳаётига шу ерда якун топмоғи лозим эди. Лекин у ўша тўққиз-ўн қадамни босишни истамаётгандай имиллайди.

Бир неча нафаслик фурсат Асадбекка бир неча асрдай ғоят узоқ туюлди. Шубҳа йўқки, қўлида яна бир тўппонча бўлганида, оқибатини ўйлаб ўтирмай, Элчинни шартта-шартта отиб ташларди.

Элчин эса оғир қадам босаётганини ўзи ҳам сезди. «Ким кўрубтур, эй кўнгул, аҳли жаҳондин яхшилиқ», деб афғон чекувчи, ўзини ҳалол деб ҳисобловчи, аслида эса ўзи билмагани ҳолда шайтоннинг суюкли фуқаросига айланган бу одамга ўлимнинг иссиқ тафти сари бораётгани, бир тасодиф билангина тирик қолажаги ҳозирча номаълум эди. Тўғри, у қоронғу уйда Зайнабга тегинган ондан бошлаб Асадбекдан ўлим ҳукмини кутиб яшарди. Ҳатто тўйидан кейин ҳам бу хавотир булути тарқамаган эди.

«Жамшидда нима қасдингиз бор эди?!» деб жағига мушт солганида қайнотасининг ҳукм сари яқинлашаётганини сезган, аммо айнан шу бугун, айнан шу ҳовлида, ҳукмнинг ижро бўлишини ўйламаганди. Ҳозир, Ҳосилбойваччага яқинлашар чоғида ҳам қайнотасининг режасидан бехабар, ҳатто эшик зарб билан очилиб, Ғилайни кўрганида ҳам буни фаҳм этмади. Аввал кўкрагига, сўнг биқинига ўқ қадалганидан кейингина бир «оҳ» уради. Кейинроқ, ҳушига келганида эса бу ҳолатини эслаб, лақмалиги учун ўзини лаънатлайди. «Тақдир (Асадбек эмас!) қўлимга тўппонча тутқизган экан, ҳаммасини отиб ташламайманми, ҳаммасидан биратўла қутулмайманми», деб ўкинади. Лекин... Сўнгги пушаймондан ким лаззат топибдики, Элчин ҳузурланса...

Эшик тепки зарбидан очилиб, Элчин чўчиб тушди. Остона ҳатлаётган Шомилнинг ғилай кўзлари билан унинг нигоҳи тўқнашди. Ўзини ҳимоя қилишни ўйлашга ҳам улгурмади. Унинг нигоҳидаги «нималар бўляпти, ўзим ҳам тушунмаяпман», деган саволга жавобан Шомил тўппонча тепкисини босди. Ҳожасини ёлғиз қўйганидан ўкиниб, важоҳат билан югуриб келган

Ғилай қандай воқеа содир бўлганини аниқ билмаса-да, ерда чўзилиб ётган Ҳосилбойваччага шу Элчин ўқ узган деб гумон қилиб, тўппончасидаги бор ўқларнинг барини унинг жисмига бўшатиши мумкин эди. Яхшики, Чувринди изма-из етиб келди...

Элчин тўппонча оғзидан сачраган оловни кўрди, сўнг... чуқур қудуққа ағанади. Юраги қинидан чиққудай бўлиб шитоб билан тубсизлик сари учаверди. Учаверди, учаверди... қудуқнинг тубидан эса дарак йўқ. Сўнг... қоронғулик чекиниб, атрофи ёриша борди. Ғалати манзаралар кўринди. Кейин бирдан... харобгина бостирма ёнида ота-онасини кўриб, титраб кетди. Волидайн тажрибахонада киядиган оқ либосларида эдилар. Элчин шум хабарни эшитибоқ мактабдан етиб келганида улар қўланса ҳидли тажрибахонада шу кийимда, жонсиз ҳолатда ётар эдилар. Уларнинг кимёвий тажриба ўтказаётиб заҳарланишганини кейинроқ билди. Шу пайтгача бирон марта бўлсин «заҳарланишганмиди ё ҳасадчи ҳамкасблари заҳарлашганмиди?» деб сира ўйламаган эди. Ҳозир тубсизлик сари учиб бораётганида нечукдир шу савол хаёлига келди. Пича тўхтаб, сўроғини сўради, аммо жавоб ўрнига бошқа гап эшитди:
— Сен бу ерда тўхтама, сени Ноила кутяпти, — деди онаси жойидан жилмай
— Нима учун бу хароб бостирмада яшаяпсизлар? — деб сўради Элчин.
— Ҳар ким амалига яраша ажр олар экан, — деди отаси.

Элчин бу гапнинг маъносини тушунмади.
— Мени ахийри отишди, — деди Элчин. — Ойи, эсингиздами, қамоқдалигимда келиб, бошимни силардингиз, ўзим ҳимоя қиламан, дердингиз?
— Ҳимоя фақат Яратгандандир. Биз Тангримнинг хоҳиши билан сени ҳимоя қилар эдик. Бизга берилган бундай ҳуқуқ кучи бугун қирқилди. Биз сендан ҳар он дуолар кутдик. Ақалли бир мартагина пешананг саждага тегиб, ҳаққимизга дуо қилсанг, бизларни бу хорликдан оз бўлса-да, қутқарар эдинг.
— Имконим бўлмади.
— Имкон ўз қўлингда эди. Сен ҳам биз каби Тангридан йироқлашдинг. — Бўлди, бас, тўхтама, энди қиёматда дийдор кўришамиз.
— Мен... ўлдим... энди сизлар билан бирга бўлишни истайман.
— Йўқ, болам, бу бахтдан бизлар бенасибмиз...

...Бу аёвсиз ҳукмни эшитиб, Элчин инграб юборди. Куёвининг ҳаракатсиз гавдаси узра энгашган Асадбек шу аламли, азобли инграшни эшитган эди...

...Ота-онаси бағрига сиғмаган Элчин яна уча бошлади. Сўнг яйдоқ далада, ўтлари, чечаклари топталган кенгликда Ноиласи кўринди. Ўша кўйлакда, аммо... кўкрагида қонли доғ йўқ. Ўша пичоқ... кўкрагида эмас, қўлида... учидан қон томиб турибди. Қамоқда эканида, тушларида кўрганида бу кўйлакда қонли доғ бўлгувчи эди. Энди эса топ-тоза...
— Ноилам, ниҳоят келдим, энди ҳамиша бирга бўламиз. Отишганидан хурсандман. Лекин афсусим ҳам бор... Охиригача қасос ололмадим. Фақат биттасини ўлдирдим... Нега индамайсан, Ноила?
— Биттасини ўлдирдингиз... бир бегуноҳ бокира қизни эса, булғаб ташладингиз. Бу камми сизга?!
— Бу — қасос, Ноила! Ахир эсингдами, тушларимга кириб, қасосга ундар эдинг?
— У мен эмас эдим.
— Нима учун бундай деяпсан, тушларимга киргучи сен эдинг!
— Йўқ, адашяпсиз, у — қалбингиздаги шайтон эди. Менинг қиёфамга кириб сизга кўринар эди. Ўйлаб кўрмадингизми, бир қизни булғашга мен сизни даъват этишим мумкинмиди? Мен сизни ҳеч ёмонликка қараб ундаганманми? Мана бу топталган чечакларни кўряпсизми? Буларнинг бари булғанган қизлар. Зайнаб ҳам бир куни шу ерга келади. Мен сизни деб бир неча дақиқага турдим, ҳадемай яна чечакка айланаман.
— Мен келдим, Ноила, у дунёда зурриёдим қолмади. Ёлғиз ўғил эдим, уруғимиз қуриди.
— Фарзанд кўришни ўзингиз истамадингиз, ёшликда ўйнаб қолайлик, дедингиз. Ўйнаб-ўйнаб шу мартабага етдингиз.
— Гуноҳларим кўп, биламан, Ноила, энди иложсизман. Энди биз бирга бўламиз.
— Йўқ, сизнинг жойингиз бошқа. Сиз изингизга қайтасиз.
— Ноила, мени ота-онам ҳам ҳайдашди, сен ҳайдама. Мен энди айрилиқ азобига чидай олмайман.
— Сизни ҳайдовчи мен эмасман. Сиз Зайнабга қайтинг.
— Ундай дема, Ноила, қайтмайман. Ҳайдама мени... Биламан, сенинг олдингда гуноҳкорман.
— Сиз Оллоҳ олдида гуноҳкорсиз. Мен сиздан розиман, аммо Оллоҳ рози бўладими-йўқми, билмайман. Қайтинг!
— Ҳайдама, Ноила!
— Сизни ҳайдагувчи мен эмасман.

Шундай деб Ноила кўздан йўқолди — чечакка айланди. Элчин фарёдли овоз билан чақирди:
— Ноила!

Унинг ноласи саҳро бағрига томган томчи каби самарасиз бўлди. Кўкрагида алам илони тўлғониб, ингради.

Машинада кетаётган Чувринди ана шу овозни эшитди. Яна уча бошлаган Элчин эса таниш овозни илғади:
— Ҳофиз, озгина чиданг...

...«Ким бу менга гапираётган?» деб атрофга аланглайди. Тушунуксиз манзараларда инсон зоти кўринмайди.
— Ҳофиз, гапимни эшитяпсизми?

...Яна аланглайди. «Ҳа», деб жавоб беради.

Учди, учаверди... Тиконзорлардан ўтди, тиканаклар баданини тилдилар. Чаёнзордан ўтди, чаёнлар нишларини санчдилар. Илонзорга етди, илонлар чақдилар. Бу ҳам камлик қилиб, бўйнига ўралганча бўғдилар.

Элчин азобдан тўлғонар. Кимлардир, қайдадир унинг ҳолига кулар, кулаверар.

Шу азоблар гулханида куяётганида илонзорда Ҳосилбойвачча кўринди. Нечундир илонлар уни чақмаслар, бўғмаслар. Бир йўғон илон эса нозанин каби унинг белига ўралар, сўнг лабидан бўса олар. У эса кулар, кулаверар. Охир-оқибат кулгидан чарчаб, Элчинга қарар:
— Булар ҳаммаси меники. Мен сендан олдинроқ келдим. Энди меники булар.
— Мен... Менинг маконим шу ерми? — деди Элчин.
— Э, йўқ, бу ер менинг мулким. Сенга жой йўқ. Сен кейин келасан. Кундузи илонлар сени чақади, гўштларингни еб тугатади. Шомгача қуруқ суягинг қолади. Тунда эса яна гўшт ўсиб чиқади. Эрталабдан яна илонларга ем бўласан.
— Сен-чи?

Ҳосилбойвачча бу саволга жавобан хоҳолаб кулди, бир буралиб илонга айланди, сўнг яна аслига қайтди.
— Кимсан ўзинг, Ҳосилмисан ё шайтонмисан?
— Хоҳлаганинг.
— Ҳосил бўлсанг, айт: Зайнабга тегиндингми?
— Буни қайнотангдан сўрайсан.
— Унда айт: тўғри, мен гуноҳкорман, жазо олишим тайин. Сен-чи? Гуноҳларингнинг чеки-чегараси йўқ-ку?
— Шу ерда ҳам ўзбеклигингга борасан-а? Яхши ҳамки қиёматда сен гуноҳ тортувчи тарозибон бўлмайсан. Нақ ҳамманинг шўрини қуритасан! Сен ўзинг учун жавоб бер. Бошқалар билан ишинг бўлмасин!

У узоқлаша бошлади. Узоқдан туриб яна овоз берди:
— Ҳофиз, гапларимни эшитяпсизми?

Чувриндининг овози унга Ҳосилбойваччаники бўлиб туюлди.

У учди. Сўнгсиз равишда учаверди.

Дам-бадам нотаниш овозларни эшитди:
— ...Тампон... тикинг... пулс...

Учиб юришлар ниҳоясига етиб, кўзларини очди.

V боб

1

Кесакполвон шаҳарга оқшомда кириб келди. Аввал Асадбекни излади. Кейин Чувриндини йўқлади. Уларнинг қаерга кетганини ҳеч ким билмади. Кесакполвон болохонадаги йигитларнинг онаси-ю, опа-сингилларини уч-тўрт сидра «ўқиб» ҳам хуморидан чиқмагач, бирининг жағига мушт тушириб, бошқасини тепиб қолди. Агар Кесакполвон медузасифат тўрт қўл, тўрт оёқли бўлиб яралганида эди, болохонадаги бошқа йигитлар ҳам унинг мушти, тепкиларидан бебаҳра қолишмас эди. Йигитлар «Окахон, биз бор-йўғи бир пойлоқчимиз, Бек акамдан «қаерга кетаётганларини сўрашга ҳаққимиз бўлмаса...» деб ўзларини оқлашди. Уларда бундай ҳуқуқ йўқлигини Кесакполвон яхши билади. Ҳам бўйдан, ҳам покиза ақлдан қисилган бу банда жаҳл юҳоси қўзғолган дамда тупроққа яқинлашиш лозимлигини билганида эди, аламдан бу тарзда чиқиш йўлини танламаган бўларди.

Абдураҳмон табиб унинг илтимосини рад этиб, кетига келиштириб тепгандан баттарроқ иш қилди. Гарчи унинг улоқчи отлари манзилга етиб бормаган бўлса-да, Кесакполвон хумордан чиқмади. Асадбек билан Чувриндининг биргаликда ғойиб бўлгани эса гумон ўтига мой сепиб аланга олдирди. Бир жуссада гумон билан алам алангаси чирмашар экан, йигитларнинг сўкиш эшитиб, мушт ёки тепки ейишларидан бошқа иложлари йўқ. Кошки эди, бир тепки-ю мушт билан бу аланга ўча қолса. Йигитлар навбатдаги зарбаларни кутиб, бошларини хам қилиб туришганида телефон асабий жиринглади. Аслида телефон одатдагидай жиринглаган, аммо жаҳл торлари таранг тортилиб турган болохонадагилар учун шундай туюлган эди. Йигитлардан бири шошилганича гўшакни кўтариб, қулоғига тутди. У:
— Ассалому алайкум, Маҳмуджон ака, — дейиши билан Кесакполвон гўшакни қўлидан юлқиб олди.
— Маҳмуд! — деди зардали овозда. «Қаёқда юрибсанлар?» деб сўрамоқчи бўлди-ю, «излаганимни билмай қўя қолсин», деган мақсадда тилини тийди. Унинг жимиб қолганидан Чувринди фойдаланди:
— Ие, Ҳайдар ака, қаёқда юрибсиз, қидиравериб энка-тинкамиз чиқиб кетди-ку?
— Юрибман қаричлаб ўлча-аб, — деди Кесакполвон яна зарда билан. Кейин ичида «Қидирасан-а, қидирасан, йўқ бўлиб кетсам, дўппингни осмонга отарсан!» деб ғижинди. Шу боис сўроғи янада зардалироқ чиқди: — Асад қаерда?!
— Билмайман... — Чувринди шундай деб тин олди.— Аркда бўлсалар керак. Йигитларда гапим бор.

Кесакполвон тушунди. Айрим ҳолларда, айниқса телефонда гаплашилганда Асадбекнинг қаердалигини айтиш мумкин эмас эди. Шу боис фақат энг яқин одамларгина тушунадиган тарзда унинг қаердалигига ишора қилинарди. Ҳозир Чувринди «Билмайман... аркда бўлсалар керак», дедими, демак, у эски шаҳардаги ота ҳовлисида.

Кесакполвон гўшакни йигитга бергач, «У ерда нима қилади? Тез-тез борадиган бўлиб қолди. Ё бир балони бошламоқчими?..» деб ўйланди.

Чувриндининг гапи қисқа бўлди. Йигит «Хўп бўлади, акахон», деб гўшакни жойига қўйди. Кесакполвон ижирғаниброқ сўради:
— Акахонинг нима деди?
— Отарчининг... — Йигит Чувриндининг буйруғини сўзма-сўз такрорламоқчи бўлди-ю, аммо «отарчи»нинг Бек акасига куёв эканини эслаб бошқачароқ оҳангда айтди: — Ҳофиз акамнинг мошиналарини янги касалхона йўлига ҳайдаб борарканмиз...
— Нимага?

Йигит «билмайман» дегандай елка қисди.
— Машинаси Асаднинг маҳалласидами?

Йигит бош ирғаб тасдиқ ишорасини қилди.
— Отарчининг ўзи қаерда экан?
— Билмайман.
— Телпон қил-чи?

Гўшакни у томондан ҳеч ким кўтармагач, Кесакполвон икки йигитга ижозат берди. Ўзи болохонада бир неча нафас ўтириб, нима қилиш лозимлигини фикрлади. Кўнгли ғаламисликни сезиб, йигитларнинг изидан бормоқчи бўлди. «Ҳойнаҳой у ерда Маҳмуд кутиб тургандир, пойлаб борганимни билса, хитланади», деган фикрга келиб, шаштидан қайтди. «Асад ёлғиздир, бориб гаплашай-чи», деган қарорда ўрнидан турди. Катта кўчадан эски маҳаллага бурилишда Хумкалланинг кулранг «Жигули»сини кўриб, машинани тўхтатди. Бармоқларида калитни ўйнаб турган Хумкалла янги ҳожасини кўрди-ю, пилдираб юриб келиб унинг қаршисида пайдо бўлди.
— Нима қилиб турибсан? — деб сўради Кесакполвон ўтирган ерида.
— Хизматдамиз, акахон, — деди Хумкалла атрофга бир аланглаб олгач.
— Қачондан бери?
— Эрталабдан.
— Ким бор?
— Ҳозир ким борлигини билмайман.
— Акахонинг шу ердами?
— Шу ерда эдилар. Бир соатча бўлдими...
— Ўзи келиб, ўзи кетдими?
— Ўзлари келдилар... Кетишда... орқада Ҳофиз акамни кўргандай бўлдим... яна Худо билади. Сиздан сал олдинроқ болалар келишиб мошинасини ҳайдаб кетишди.
— Рўлда акахонингмиди?
— Йўқ... Ҳалим.
— Отарчининг келганини кўрувмидинг?
— Кўрувдим.
— Яна ким келди?
— Бу томондан бошқа ҳеч ким. Балки нариги томондан...

Кесакполвон «тушунарли» деб эшикни ёпмоқчи эди, Хумкалла уни тўхтатди.
— Акахон, бир гап: кўчанинг нариги бетида бойваччанинг боллари ғимирлаб юришибди. Улар ҳам пешиндан бери шу ерда.
— Бойваччанинг ўзи кўринмадими?
— Бир кўрингандай бўлди... Яна Худо билади.

«Булар нимадан ис олган бўлишлари мумкин?»

Хаёлига келган бу саволга жавоб топиш учун фурсати йўқ эди. Шу боис кўп ўйлаб ўтирмай, ҳайдовчининг елкасига туртиб, «ҳайда» деди.

Машинанинг чироғи Асадбекнинг эшиги оғзида турган Бўтқани ёритгач, чиндан ҳам «бир бало бўлганини» фаҳмлади. Шу сабабли эски уй қаршисида тўхтамай ўтиб кетди. Кесакполвоннинг машинасини таниб пешвоз чиқмоқчи бўлган Бўтқа тараддудланган ерида ажабланганича қолаверди.

Кесакполвон маҳалланинг нариги биқинидаги катта кўчада ҳам Чувриндининг йигитларини кўргач, «бир бало бўлганига» аниқ ишониб, изига қайтди. Ҳозир уни биров тўхтатиб, «Ҳосилбойвачча шу уйда ўлдирилди» деса, ишонмай, «бор тошингни тер», деб жеркиб ташлаган бўларди. Унинг кўнглида ваҳм илонини қўзғотган фикр бошқа: Асадбекка бир нарса бўлган-у Чувринди отни қамчилаб қолган. Шунинг учун атрофни йигитлари ўраб турибди!

Шу фикрга банди бўлган ҳолда машинадан тушиб, Бўтқанинг саломига алик ҳам олмай, эшикни зарб билан очиб, ичкарига қадам қўйди. Қадам қўйди-ю, ҳовлида чўзилиб ётган икки одам қорасини кўриб, таққа тўхтади. У «бир бало бўлганини» сезган эди, аммо ҳовлига қадам қўйиб, икки ўлик устидан чиқаман, деб хаёл қилмаганди. Чўзилиб ётганларни кўриб, икковини ҳам ўлик деб ўйлади. Ғира-ширада аввалига уларни танимади. Шу сабабли эшикка яқинроқ ётганига энгашиб қараб, Ғилайни таниди. Қўл-оёғи боғланганидан унинг ҳали тириклигини фаҳмлади. Кейин юзига эски қоғоз парчаси ташланган Ҳосилбойваччани таниб, бир сесканди. Довон ошиб келаётганида Ҳосилбойвачча билан ҳуфёна учрашмоқни, гап гапга қовушса, вақтинчалик иттифоқ тузмоқни хаёл қилганди. Чувриндини йўлдан супуриб ташлаш учун шу иттифоқ зарур деб топган эди. Чунки Асадбекнинг умр шами ўчиб бораётганидан дарак топган Ҳосилбойвачча ҳам тек турмас, бир томондан Чувринди, иккинчи томондан Ҳосилбойвачча юриш қилса, орада хароб бўлишига ақли етарди. У харобликдан қутулиш чораси деб ғаним томонни кўзлади. Кўзлади-ю, орадан бир неча соат ўтиб, пешонаси тош деворга урилди.

У ўзича режа оши масаллиғини тайёрлаб келаётганида бу ерда Асадбек билан Чувринди иш ошини пишириб қўйишга улгуришган эди.

Мурдани танигани ҳамон «Нега ўлдиришди?» деган савол миясига урилди. Сўнг «Нега мен билмай қолдим, нега мендан яширишди?» деган савол гумонлар пўртанасини қўзғади. Шундан сўнггина кўп йиллик дўсти, ажралмас шериги ёдига тушиб, атрофга аланглади: ичкарида чироқ ўчиқ. Ҳовлида одам қораси кўринмайди.

Кесакполвон хавотирга тушиб, атрофни йигитлар қўриқлаётганини унутди. Панжаси биқинига ботиб турган тўппонча сари югурди. Сўнг беихтиёр равишда бақирди:
— Асад!

Назарида бу овоздан атроф гулдураб кетгандай туюлди.
— Асад!
— Бўкирма, бу ёққа кел.

Қия очиқ деразадан чиқиб келган Асадбекнинг овози ундаги хавотир алангасини ўчирди. Қўлини тўппончадан олиб, уй томон юрди.
— Асад, нима бўлди? — деди остона ҳатлаб.
— Ҳўкизга ўхшаб бўкирма, дедим, сенга.
— Асад, нима бўлди?
— Нима бўлганини кўрмадингми?
— Кўрдим... Нимага ўлдирдинг?
— Ўлгиси келган экан, ўлди. Меникига уни ажали ҳайдаб келган. Энди сен гапни чуваллаштирмай қўя қол.
— Нима учун мендан яширдинг?
— Яширганим йўқ. Ўзинг қаёқдаги тезакларни териб юрибсан? Чойхонангдан чиқиб қаёққа ғойиб бўлдинг?

«Суриштирибди-да...» — деб ўйлади Кесакполвон. Шу фикрнинг ўзи уни бир оз тинчлантирди. «Ҳар ҳолда бутунлай суриб четга чиқармабди», деб таскин топай деганда Шайтон алайҳилаъна аста келиб қулоғига шивирлади: «Бу ишни кеча режалаштирмагандир? Уч-тўрт кун пишитгандир? Маҳмуд билан фикрлашгандир?..»

Шайтон шивирини тилга чиқармоқчи эди, Асадбек гапиртиргани қўймади:
— Бойваччани кўмдир. Ғилай сеники. Нима қилсанг қил: оёғидан осасанми, қайноқ сувга бўктирасанми, ўзингнинг ишинг. Эрталабгача йигитлари қўл қовуштириб, салом берадиган бўлишсин.

Бу топшириқ шивирлаётган шайтонни нари суриб, юрагига чироқ ёқди. Оч ётган аждаҳо бирданига ўнлаб одамларни тириклайин ютиб қандай роҳатланса, Кесакполвон шундай ҳузурланди. Бу буйруқ Кесакполвон учун кутилмаган бахт эди. Шу бахт қуёшидан кўзлари қамашиб, ийиб кетди.
— Ўзинг тузукмисан? — деди меҳрибонлик билан.
— Нима, олдин бузуқмидим? — деб тўнғиллади Асадбек.

Гап бир оз совуқ оҳангда айтилган бўлса-да, Кесакполвон буни ҳазил сифатида қабул этиб, дўстининг елкасидан қучди.
— Тез бўл, имиллама! — деб буюрди Асадбек.
— Эшвормаган — номард! — деди Кесакполвон. — Эрталаб ҳаммаси эмаклаб келиб, этагингда намоз ўқийди.
— Катта кетма. Иси чиқмасин. Намоз ўқишлари шарт эмас, аммо ҳаммасининг оғзини тикиб чиқасан. Биттаси овоз чиқарса... кейин мендан хафа бўлиб юрма.

Кейинги гап ийиб турган кўнгилга муз парчаларини сочди.
— Сен... оғайни... олифтагарчилик қилма. Шу пайтгача қайси ишнинг исини чиқарувдим?
— Жириллама!

Кесакполвоннинг тили бир қичиди-ю, аммо ўзини тийди.
— Хўп, жирилламасам жирилламадим, — деб тўнғиллаганича ташқарига чиқди. Кўча эшигини очиб, Бўтқани чақирди.
— Манавини бир бало қилиб, юкхонага жойла.

Бўтқа учун шу буйруқнинг ўзи кифоя қилди. Бир дақиқанинг ўзидаёқ қонга беланган мурда икки букланиб, юкхонадан жой олди. Бўтқа буйруқни ижро этгач, «яна хизмат борми, акахон?» дегандай эшик оғзида қўл қовуштирди.
— Кўтар буни, оғзини оч, — деди Кесакполвон Ғилайга ишора қилиб.

Бўтқа уни тиклаб, йиқилмаслиги учун бир қўли билан суяб, иккинчи қўли билан елим тасмани кўчирди. Ғилай чуқур нафас олди.

Кесакполвон чўнтагидан сигарет чиқариб биттасини Ғилайнинг лабига қистирди-да, ёққични ёндирди. Пилик ёруғида Ғилайнинг юзи янада хунук кўринди. У оч қолган одамдай ютоқиб тутатди. Кесакполвон ёққични ўчирмади, пилик алангасини унинг жағига тутди. Жағи куйган Ғилай бошини орқага тортди.
— Шунақа, оғайничалиш, — деди Кесакполвон, — хўжайинни алмаштирадиган вақт келди.

Янги хўжайинга тобинг борми ё эскисининг орқасидан жийда-халтангни кўтариб жўнаб қоласанми? Киноларда кўргансан, а? «Хўжайинимга содиқман» дейдиганларнинг оёғидан осиб қийнашадими-эй. Кинодагилар аҳмоқ, а? Ё сен аҳмоқмисан? Сенинг оёғингдан оссам ярашмас, а? Ё киндигингдан кекирдагинггача тилиб, туз сепсам, мазза қиласанми? Қўй, бунақа маззалар аҳмоқларга аталган. Сен аҳмоқ эмассан. Кимга содиқ бўлмоқчисан? Ўлик одамгами? Хўш, энди гапир, келишамизми ё отамлашамизми?

Кесакполвон унинг лабидаги сигаретни олиб ташлади. Ғилай енгил йўталди.
— Қани, энди гапир-чи? Кесакполвон пилик оловини унинг бурнига яқинлаштирди. Ғилайнинг бурнидан чиқиб турган тукларнинг учи куйиб, чаённинг нишидай гажак бўлиб олди. Ғилай пастки лабини чўзиб пилик оловини пуфлаб ўчирди-да:
— Гап йўқ, келишамиз, — деди.
— Қойилман, ўғил бола, — деди Кесакполвон заҳарли жилмайиб. Кейин Бўтқага буюрди: — Акангнинг қўл-оёғини еч. Қайси аҳмоқ боғлади ўзи буни. Мен шунақа ўғил болаларга беш кетаман ўзим. Қани, окаси кўзидан, энди айт-чи, атрофдаги кўчага қанча бола қўйгансан?
— Тўққизта.
— Улар нимага тухум босиб ўтиришибди, нимага ёрдамга келишмади?
— Ишора бўлгунича кутишлари керак эди. Бу ёғи бунақа бўлиб қолди.
— Асадни... ўлдирмоқчимидиларинг?
— Бу ҳақда гапирмовди.
— Унда нимага келди?
— Менга иш буюрарди, мен бажарардим. Мен билан маслаҳатлашмаган.
— Одамларингнинг ҳаммасини бир ерга тўплашинг керак.
— Керак бўлса ярим соатда тўплайман.
— Қитмирлари йўқми? Ғалва қилишмайдими?
— Билмайман. Балки... бу гапларни айтмаслик маъқулдир уларга?
— Қойилман, калланг ғиж-ғиж ақл-а, тошиб кетмаганига ҳайронман, — деди Кесакполвон кесатиб. — «Хўжайин бизларни Асадбекнинг ихтиёрига топшириб ўзи сафарга кетди», дейсан. Қаерга тўплайсан болаларингни?

Ғилай шаҳар четидаги боғни айтди.
— Йўқ, — деб эътироз билдирди Кесакполвон. Кейин бир оз ўйланиб туриб ўзига маъқул бошқа ерни айтди-да, Бўтқага қараб қўйди. Бўтқа бу қарашнинг маъносини англади — демак, ўша ер йигитлар билан ўраб олиниши керак. Бўтқа «тушундим» дегандай бош ирғаб қўйгач, Кесакполвон Ғилайни кўча томон бошлади: — Юр, энди. Ошни пиширайлик. Тезроқ дамламасак, тагига олади.

Кесакполвон нозанинни кузатгандай Ғилайнинг қўлтиғидан олди. Катта кўчага чиқишгач, машина тўхтади.
— Болаларингни чақир, — деди Кесакполвон.

Ғилай тушиб, уч-тўрт қадам юргач, қўл силкиб қўйди. Кўчанинг нариги бетидаги йигитлардан бири югуриб келди. Ғилай унга бир нима дегач, у шошиб изига қайтди. Бу орада Бўтқа Хумкаллага ҳожасининг буйруғини етказди.

Ғилай машинага ўтиргач, Кесакполвон унинг елкасига қўл ташлади.
— Энди акангникига кириб ўтайлик. Бола-чақаси хавотир олмасин, сафарга кетганини айтиб қўйишинг керак.
— Ака, бир жойга кириб юзта-юзта қилиб олайлик, бош ёрилиб кетай деяпти, — деди Ғилай ялинчоқ оҳангда.
— Боя айтмайсанми шуни? — деди Кесакполвон, сўнг Бўтқага буюрди: — ол, анави ерда очилгани бўлиши керак.

Бўтқа пешойна остидаги мўъжаз юкхонани очиб, бир шиша ароқ билан пиёла олди-да, қуйиб узатди. Ғилай уни бир кўтаришда бўшатгач, чуқур нафас олиб қўйди.

Кесакполвон унинг руҳий ҳолатини тушунгандек, унга ҳамдард бўлгандек меҳрибонлик қилиб, сигарет тутди. Ғилай яна бир пиёла сўради. Уни ҳам сипқоргач, сигарет тутатди. Бир неча нафасдан сўнг яна сўраган эди, Кесакполвон унамади.

Ғилайнинг шартга осонлик билан рози бўлганидан у кўп ҳам ажабланмади. Чунки садоқат деган тушунчанинг руҳи унга бегона эди. «Хўжайинига хиёнат қилди, сотди», деб ҳам нафратланмади. Чуни «хиёнат — гуноҳ», деган тушунчадан ҳам йироқ эди. Агар дунё тескари айланиб, Ғилайнинг ўрнида ўзи бўлиб қолган тақдирда, ҳеч бир иккиланмаган ҳолда шу йўлни танлаган бўларди. Дунё-ку тескари айланмас, у Ғилайнинг ўрнида бўлмас. Лекин Асадбекнинг қўли титраб, нияти амалга ошмай, ўзи нобуд бўлиб ҳукмронлик супасига Ҳосилбойвачча кўтарилганида унга хизмат қилавериши аниқ эди. Ундаги бетайинликни Асадбек азалдан билар, шу боис ҳам кўпроқ Чувриндига суянарди.

Кесакполвон чўнтак кесиб юрган кезларида Асадбекнинг бир чўталчиси бўларди. Серйўталроқ, нимжонроқ бола эди. Касалванд бўлгани учунми, Асадбек унинг туриш-турмушидан хабар олиб турарди. Йигитча ҳам Асадбекка содиқ эди. Номи чўталчи, асли эса айғоқчи эди. Қиморбозларга хизмат қилиб юриб, кўрган-билганларидан Асадбекни огоҳ этиб турарди.

Бир куни Кесакполвон каттароқ овни мўлжал қилиб, уни ёнига олди. Ов юришмади-ю, аммо йигитча анқовлик қилиб қўлга тушди. «Участковой ака» деб мурожаат қилишларига кўникиб қолган милиса Кесакполвонни танир эди. Таъбир жоиз бўлса, у вақти-вақти билан Кесакполвондан «совға-салом» олиб турар, шунинг эвазига баъзи пайтларда, баъзи кўчалардан кўзларини юмиб ўтарди. Бир касофат бўлиб, шайтон йўлдан урибми, кўзларини беҳос очган экан, ўша йигитчадан гумонсирабди. Кесакполвон «Бу бола бизнинг укахон», деб чўнтагини бир кавлаб қўйса, олам гулистон эди. Шуни истамади. Чунки «Бу бизнинг укахон» деган учтагина сўз тилдан осонгина учгани билан, то гап эгасининг қулоғига етгунича чўнтак орқали ўтиши шарт. Кесакполвон эса майда ўғрилигига бориб, сарф-харажатдан қочади. У бировнинг чўнтагига қўл солса бирон нимани илаштириб чиқишни хуш кўради. Ўз чўнтагидан чиққан дамларда эса жони суғурилгандай туюлиб, азобланади. Йигитчани қутқаришдан бўйин товлаганининг иккинчи боиси — гап чувалашмасин, деди. Ўшанда Асадбек ундан норизо бўлганида «Икки киши ўрнига битта одам ўтиргани дуруст эмасми?» деб ўзини оқлади. Унинг фалсафаси шундай эди: икки киши ўрнига бир одам қамалгани яхши. Қамалгувчи одам касалванд бўлса ҳам майли, қамоқхонада жони узилса ҳам майли... Кесакполвон бу «фалсафаси» байроғи остида кўп ишлар қилди. Бугунга келиб бу байроқ яна кўтарилди. Фақат ёзув бир оз ўзгартирилди: Асадбекнинг мулки икки кишига эмас, бир кишига қолиши керак!

Ғилайнинг осонгина бўйин эгиши Кесакполвонда ҳеч қандай туйғу уйғотмади, демак ҳам ноўриндир. Ғилай қаршилик кўрсатмагач, Кесакполвон ундан хавотирланди. Ғилайнинг қаёққа ёки кимга қараётганини билиб бўлмаганидек, хаёлида қандай шумлик яширингани ҳам номаълум эди. Шу хавотир туфайли кўчага чиқишганида «Олд томонга ўтир», деб Бўтқага имо қилган эди.

Машина ўрнидан жилганидан бери хаёлнинг бир улуши биқинига ботиб турган тўппончада, ўнг қўли эса қуллуқ қилгандай кўкрагида — тўппончани олишга шай эди. Кетма-кет равишда минг марта, балки ундан-да кўп ҳарифларининг курагини ерга теккизган полвон агар доно бўлса, ўзига бино қўймайди, минг биринчи ҳарифни ҳам албатта мажақлайман, деб катта кетмайди. Афсус шуки, Кесакполвон у доно полвонлар тоифасидан эмас. Агар Ғилай тирсаги билан туртиб юборса, тўппончаси иш бермай қолиши, ҳатто Бўтқанинг ўгирилишга ҳам улгуролмаслиги мумкинлигини ўйламайди. Унинг бахтига Ғилайда ачиниш ҳисси йўқ. Бўлсами эди, Ҳосилбойваччанинг ўлими унинг учун изсиз кетмас, ҳеч бўлмаса бир ҳаракат билан ўч олишга интилар эди.

Ҳовлига боғлаб қўйилган ит ҳеч маҳал «Ҳожам ўлса шу уйга хўжайин бўламан», деб орзу қилмагани каби Шомил ғилай ҳам «Ҳосилбойваччадан кейин унинг мулки менга қолади», деб фикрламаганди. Агар биров «Ҳожанг яқинда итдай ўлим топади, тайёргарлигингни кўриб қўй», деб башорат қилсами, бир ойли чақалоқнинг калласидай келадиган муштдан татиб кўриши тайин эди. Ғилайнинг шу хаёлда юрмагани ҳам Кесакполвоннинг бахтидан. Агар мулкка эгалик ҳисси уйғонсами, бу туйғу жон аччиғига нисбатан қудратлироқ бўлар, оқибатда уни унча-бунча занжир жиловлай олмас эди. Ғилай қўл-оёғи боғланган ҳолда, гарданидаги оғриқдан азобланиб ётганида ҳожасини кўз қири билан кўриб, нима қилишини фикрлаган, ўзининг чорасизлигига амин бўлган эди.

Кейинги кунлар ичи Ҳосилбойвачча ғолиб одамнинг қадамлари билан одимлай бошлаганида Ғилайнинг шум кўнгли бир нохушликни сезган, уни йўлдан қайтаришни хаёл ҳам қилган, аммо ҳожаси ўзгаларнинг маслаҳатига юрмаслигини билгани учун тилини тийган эди. У буйруқни бажарувчи сўқир жангчи эди, узоқни кўра оладиган басир саркарда эмасди.

Машина Ҳосилбойваччанинг дарвозаси қаршисида тўхтаганида Кесакполвон «Тушавер» деган маънода Ғилайга қаради. Ғилай ўрнидан дарров жилмади. Бир неча соат илгари бу остонадан мағрур ҳолда босиб чиққан одамнинг энди бу уйга мутлақ қайтмаслиги унинг қалбини эза бошлади, демак ёлғондир. Қалби эзилмаса-да, бу уйнинг ҳожасиз қолгани унинг учун нохуш эди. Ҳозир машинадан тушиши керак. Ҳовлига кириб «кеннайи!» деб чақиради. (Ҳосилбойвачча ҳам, хотини ҳам ўзидан анча кичик бўлишса-да, ҳожасининг ҳурматини қилиб, «келин» эмас, «кеннайи» дерди). Ҳожасининг (енди собиқ ҳожасининг) завжаси чиққач, «Акам сафарга кетдилар», дейди. Бунақа ҳол кўп бўлган. Шу сабабли аёл «қаёққа кетдилар, қачон келадилар?» деб сўрамайди. Ғилай учун шуниси дуруст.

Кесакполвон бир неча нафасгина тараддудланган Ғилайнинг елкасига «туша қол» деган маънода аста туртди. Ғилай унга бир қарагач, машина эшигини очди. Кесакполвон қўлига тўппончани олди.

Машина билан уй орасидаги масофага қил кўприк тортилган, Ғилай шу қил кўприк устидан, лангар чўпсиз борарди. Сал оғса ўлим жарига қулайди. Кесакполвон гарданига уриб ўтирмайди, тепкини боса қолади. Ғилай буни билгани учун ҳам ошиқча ҳаракатдан ўзини тийди. Ҳожаси қонга беланган, икки букилган ҳолда машина юкхонасида ётибди. Асадбекнинг мулкига эга чиққан ҳолда мағрур қайтмоқни хаёл қилган одам чорасиз, бир жанозага, бир кафанга, икки қулоч ерга зор ётибди. Кафансиз, жанозасиз кетиши аниқ, икки қулоч ерга эга бўлиши эса Кесакполвоннинг «марҳамати»га боғлиқ. У марҳамат қилса, қабристонга ташлаб ўтади. Гўрков эгалари унутган бирон эски қабрга жойлайди. Оқибатда бирон кампирми ё чолнингми суяклари ёнида унинг жасади ҳам чирийди.

Қутлуғ табиатли шоҳ Жамшид бир булоқ бошидаги тошга шундай битик ёздирган экан:

Бул чашмага биздек басо лаб урдилар,
Келдилар бир лаҳза, сўнг кўз юмдилар.
Олдилар дунёни мардлик, зўр билан,
Элтмадилар, қолдилар бир гўр билан...

Ҳақиқат шулким, ҳеч ким мулкини орқалаб ўзи билан у дунёга олиб кетмаган. Шоҳ Жамшиддай зот мулкини гўрига элта олмаганидан кейин Ҳосилбойваччага йўл бўлсин! Шоҳнинг-ку, ўз гўри бор эди. Ҳосилбойваччада шу ҳам йўқ. Бировнинг қабридан жой текканига ҳам шукр қилса бўлар.

Қил кўприкдан бораётган Ғилай ҳам, унинг ҳар бир ҳаракатини кузатаётган Кесакполвон ҳам буларни ўйлашмайди. Бирининг мақсади янги ҳожалари билан «яхши ишлаб кетиш», иккинчисиники эса мулкка эга чиқиш. Иблис уларни ўз чодирига шу қадар ўраб-чирмаб ташлаганки, Ғилай ҳам, Кесакполвон, Бўтқа, ҳайдовчи йигит ҳам «бизнинг тақдиримиз юкхонадаги бойваччаникига ўхшаса-чи, гўрга етишолмай юкхонада икки букланиб ётсак-чи?» деб фикр қилишмайди. Яратганнинг ўзи «Каллаа, иннал инсана ло ятғо. Ан роа хус тағно»[4], деганда шу тоифа бандалар назарда тутилмадими экан, валлоҳи аълам?

Тангрининг эмас, эрининг қудратига ишониб қолган, «Бу дунё фақат яхши еб-ичиш, яхши кийиниш, тўй-ҳашамларда зеб-зийнатларни кўз-кўз қилиб ўтириш учунгина яратилган», деб фикр қилувчи, «Яшамоқдан мақсад нима?» деб сўралгудай бўлса, эри билан бир хилда «Яшамоқдан мақсад — мазза қилиб яшамоқдир», деган жавобни қайтарувчи, ҳусн ила ақлнинг номутаносиблигини ўзида мужассам этган бу аёл Ғилайнинг гапига дарров ишона қолади. Хавотир ҳисси кўнглини зириллатмайди. Оллоҳнинг эмас, эрининг қулига айланган бу жувондан яна нимани кутиш мумкин? Занглаган темир қафасда ўтирган қул билан тилла қафасдаги қулнинг фарқи борми? Аслида-ку, иккови ҳам бир — қул! Иккови озодликдан маҳрум. Аммо темир қафасдагиси озодликни қўмсайди, тилла қафасдагиси эса бу фазилатдан маҳрум. Агар унга озодлик берилса ҳам қафасни ўзи билан ола кетишни ўйлайди.

Шу тоифага мансуб бу жувон бир неча қадам нарида эрининг хорланган ҳолда ётгани, Ғилай айтган «сафар» индамаслар юртига экани, адоқсиз экани, орадан ойлар ўтиб, ҳақиқат булоғидан сув ичувчи «миш-мишлар»га ишонишни ҳам, ишонмаслигини ҳам; аза очишни ҳам, очмаслигини ҳам билмай гаранг юражагини ҳозир билмайди.

Ғилай айтадиганини айтиб, орқасига хотиржам қайтди. У «Энди бу хонадонга қайтмасман», деб ўйлади. Кесакполвоннинг хоҳиши билан, янада аниқроқ айтилса, Асадбекнинг буйруғига кўра ҳожаси «сафардан қайтгунича» ҳеч нарса бўлмагандай ҳар куни шу ерда юриши мумкинлиги хаёлига ҳам келмади.

Машина ўрнидан жилгач, Кесакполвон Ғилайнинг елкасига уриб қўйди.
— Қойилман, эркак дегани шунақа бўлади. Энди, окаси кўзидан, сен ҳам чарчадинг, мен ҳам эзилиб кетдим. Би-ир маишат қилмасак ёрилиб ўламиз. Бугунги маишат сендан. Дидинг зўр, деб эшитганман. Қани, маржаларингнинг мазасини биз ҳам бир тотиб кўрайлик-чи...
— Гап йўқ, окахон, — деди Ғилай.

Ғилайнинг «окахон» дейиши Кесакполвонга мойдек ёқди. Ғилай қайси томонга юриш лозимлигини айтган эди, Кесакполвон унинг гапини бўлди:
— Тўхта, аввал акахонингни жойига ташлаб кетайлик, орқада димиқиб кетгандир, — деди. Кейин ҳайдовчи йигитга қайси қабристонга борилажагини тушунтирди. Йўл-йўлакай гўрковнинг уйи қаршисида тўхтаб, Бўтқа ширакайф бир кишини бошлаб чиқди. Ғилай ёнидан жой олган эски чопонли гўрковдан ирганиб юзини бурди. Ажаб ҳол: одам ўлдиришдан ирганмаган Ғилай одам кўмувчидан ирганса?..

Машина зулмат қўйнидаги қабристон ёнида тўхтагач, Кесакполвон Ғилайга қаради:
— Туш, акахонингни кузатиб қўй, ҳарҳолда қадрдон эдинглар, яна нариги дунёда сендан хафа бўлиб, аразлаб юрмасин.

Ғилай бу буйруққа ҳам итоат этди.

Йўлга чиқишган онда Кесакполвон мурданинг қайси қабристонга элтилганини Ғилай билмай қўя қолсин, деб ўйлаган эди. Кейин «Билсин, ўзи кўтариб кирсин, «ғинг» деса акахони ёнидан жой олишини ҳам билиб қўйсин» деган қарорга келди. Ғилай машинага қайтгач, писанда қилди:
— Бу ерда анча бўш жойлар бор.

Ғилай унинг нима демоқчи бўлганини фаҳмлади. Гарчи ичида «ўзингга буюрсин», деб ўйласа-да, тилидан бошқа гап учди:
— Бу ер менбоп эмас экан...

Ғилай бошлаб келган маишатхонага кириб боришаётганда Кесакполвон уни тўхтатиб, сўради:
— Дўхтирнинг олдига сен борувмидинг?
— Қайси дўхтир?
— Ўзингни гўлликка солма, Асадни кўрган дўхтирни айтяпман.
— Ҳа, уми... борувдим.
— Ўлади, дедими?
— Шундоқ деди.
— Сен шу гапни акахонингга айтибмидинг?
— Айтувдим.
— Акахонинг Асадникига шунинг учун борувдими?
— Йўқ, бир нима кўрсатмоқчийди.
— Нима?
— Қизи шалава бўлиб кетган. Шуни видикка олдирган эди.
— Қулоққа тепма.
— Ўзим организоват қилганман.

Кесакполвон унинг кекирдагига чанг солди:
— Овозингни ўчир. Агар акахонингга эргашишни истамасанг, бу гапни эсингдан чиқар. Дўхтирнинг айтганини ҳам унут. Асад ўлмайди. Дўхтирнинг зўри билан гаплашдим. Даволайдиган бўлди. Акахонинг аҳмоқ эди. Асад ўладиган бўлса, бу ерда мен турибман!

Кесакполвон шундай деб бир қадам ташлади-ю, тўхтади:
— Кассета кимда, сендами?
— Ўзида эди...
— Вой аҳмоқ...

Кесакполвон орқасига қайтиб Бўтқани имлаб чақирди-да, қабристонга қайтиб бориб мурданинг кийимларини тинтиб кўришни тайинлади. Бўтқа эшик тирқишидан қараб Чувриндининг тинтиганини, нималарнидир олганини кўрган эди. Шундай бўлса ҳам, Кесакполвонга гап қайтармай «хўп» деганича машинага ўтирди.

Кесакполвоннинг «бу ерда мен борман!» деган гапига Ғилай яхши тушунди. Янги ҳожаси бир қанотини кўтардими, бас, иссиқ пинжига кириши керак. У аҳмоқ жўжа эмаски, жонсиз товуқнинг қанотида умр кечирса! Шу боис Кесакполвонга ёқадиган яна бир гап айтди:
— Ҳадеб «акахонинг» деяверманг, менинг акахоним — сизсиз!

2

Абдураҳмон табиб гарчи «сен... валади зинога ўхшайсан», деган гапни жаҳл устида билиб-билмай айтиб юборган бўлса-да, янглишмаган эди. Кесакполвон «валади зино» нима эканини билмасди, шу сабабли чолнинг гапига тушунмади, «Бу нима дегани экан?» деб бошини қотириб ҳам ўтирмади. Тушунган тақдирда буни ҳақорат фаҳмлаб, чолнинг кекирдагидан олган бўларди. Абдураҳмон табиб тилига келиб қолгани учун шу гапни айтиб юборди. Ҳатто Кесакполвоннинг ўзига ҳам маълум бўлмаган ҳақиқатни у қаердан билсин?

Кесакполвоннинг билгани — отаси урушда ҳалок бўлган. Онаси эса... Бунинг ўзи бир тарихким, Кесакполвон эслашни ҳам истамайди. Чувриндининг волидаси вафот этганида «Маҳмуд, ранжимагин-у, аммо менга қолса, онангнинг хор бўлиб юришларини, хорланиб ўлишини, хор бўлиб кўмилишини видеога олиб, телевизорда кўрсатардим. «Боласини ташламоқчи бўлганлар, кўриб қўйларинг, эрта-индин сенлар ҳам хорланасанлар», дердим», деб айтгани бежиз эмасди. Бу гапларни айтмоққа қалбининг овлоқ ва зимистон ерида яшириниб ётган бир дард сабаб бўлган эдики, бу дарддан энг яқин биродари ҳисобланмиш Асадбек ҳам бехабар эди. Ўшанда бу гапни эшитган Чувринди «Ҳайдар акамнинг аҳмоқликлари чегара нима эканини билмайди», деб ранжиган, Асадбек эса «бу қовоқ мия қачон ўйлаб гапирадиган бўлади», деб ғижинган эди.

Кесакполвон Чувриндининг онасидан нафратланарди. Шилимшиқнинг онасини эса кўргани кўзи йўқ эди. Улар ҳақида бирон сўз эшитса ўз онасини эслаб, ғазабдан титраб кетарди. Ҳолбуки... унинг онаси бўлак тақдир эгаси эди.

Бу ўринда Тангри Таолонинг «Эй Одам, сен ўз жуфтинг билан жаннатни маскан тутғилким, унда кўнглунг нимани тусаса таомланғил, ош бўлсин, аммо мана бу дарахтга зинҳор яқин келмағил, яқин келсанг золимлардан бўлурсан», деган муқаддас каломини эсламоғимиз жоиздир. Яқинлашмоқлик манъ этилган мазкур дарахт нафс учун бир синовдирки, бу бало ғолиб келгудай бўлса одам боласи умрининг охирига қадар қақшайди. Не ажабки, Одам болалари буни билсалар-да, неча минг йиллардан бери бу дарахтга яқинлашаверадилар, унга интилаверадилар. Бу интилиш эса «севги-муҳаббат туйғуси», деган чойшабга ўраб эъзозланади. Яратганга бўлган муҳаббатдан кўра бу туйғу кўпроқ шарафланади. Бу туйғунинг олиб борар манзили биттагина — тўшак... Тўшакдаги оний фароғатни боқий фароғатдан афзал билувчилар ўзларига зулм қилаётганларига фаҳмлари етсами эди...

Моҳичеҳра — Кесакполвоннинг онаси ҳаётининг энг ширин палласида шу тоифа юргувчи кўчага адашиб кириб қолганлардан бири эди.

Тоғ ёнбағрида жойлашган қишлоқларида бундай нохуш воқеалар камдан-кам содир бўларди. Қариялар тошбўрон қилинган йигит-қизларнинг тақдиридан ҳикоя қилардилар, аммо бу воқеа шу қишлоқда бўлганми ё узоқ қишлоқдами — аниқ билишмасди. Ўзлари эса бунақа шармандаликнинг гувоҳи бўлишмаган эди. Шу боис ҳам Моҳичеҳра қишлоқдан бош олиб кетишга мажбур бўлганди. Уруш баҳона бўлиб, унинг аввал шаҳарга, сўнг жанггоҳга кетишининг сабабини биров билди, биров билмади. Биров ишонди, бошқаси ишонмади...

Ўнинчини битирган, исми жисмига монанд — ой юзли дуркун қиз ҳарбий хизматдан қайтиб мактабдаги кашшофларга етакчилик қилаётган йигитни севиб қолган эди. Моҳичеҳра йигитга ўғринча тикилар, Етакчи эса унга суқланиб боқарди. Унинг кўнглида ёмонлик йўқ, аксинча, отасининг йили ўтгач, Моҳичеҳрага совчи юбормоқни умид қилар эди. Сирли қарашлар номус чегарасига яқинлашган дамларда уларни буғдой ўримига жўнатишди. Хумор боқишлар ана ўша ерда чегарадан чиқди. Ўша дарахтнинг меваси уларнинг туйғуларига эгалик қилиб, нафс синовида ғолиб келди-ю, покиза тўшак эмас, бир уюм сомон устига бошлади. Ёзнинг фараҳли кечаларида улар иблисга бор вужудлари билан банди бўлдилар.

Ўша тотли кунларда қишлоқдагилар улар учун номаълум бўлган сабаб билан даракламай қўйишди. Озиқ-овқатлар тугай бошлагач, Етакчи хабар олгани қишлоққа жўнади. Тонгда йўлга чиққан йигит оқшомга қадар қайтиши лозим эди. Моҳичеҳра уни кўзлари тўрт бўлиб кутди. Эртасига ҳам, индинига ҳам... Дарак бўлавермагач, хавотирланиб қишлоққа қайтди-ю уруш бошланганини эшитди. Моҳичеҳра бу хабардан эмас, Етакчининг урушга жўнатилганидан даҳшатга тушди. У урушнинг нима эканини, эл бошига қандай кулфатлар келтиришини билмас эди. У урушнинг совуқ нафасидан эмас, шармандаликнинг вужудни куйдирувчи оловидан титрар эди. «Фашист занғарни бир-икки ойда энасиникига киритиб қайтиб келишади», деган умидли гапларга ишониб, кутишдан ўзга чораси йўқ эди.

Икки ой ўтди, уч ой... «Фашист занғар энасиникига киришга» шошилмади. Умидли гаплар ўрнини ваҳимали миш-мишлар эгаллади. Бу орада миш-мишлардан ҳам ваҳималироқ, даҳшатлироқ воқеа юз берди— кўнгли айниб, ҳолсизланиб юрган Моҳичеҳра юкли эканини фаҳмлади. Фаҳмлади-ю, қишлоқдан кетишдан ўзга чораси йўқлигини билди.

Ҳайдар — Кесакполвон шаҳарда туғилди. У урушдан титраётган дунёни тезроқ кўришга шошилдими ё онасининг шармандали юкдан тезроқ ҳоли қилишни истадими, ҳарҳолда муддатидан эртароқ туғилди. Каттароқ телпакка сиғиши мумкин бўлган даражадаги митти чақалоқнинг бу дунёда яшаб қолиши гумон эди. Лекин бу валади зинонинг жуссаси кичик бўлса ҳам умри қисқа эмас экан. У ёшига тўлмай туриб, ҳали эрга тегмаган онасининг «туғиб қўйгани» ҳақидаги хабар қишлоққа етиб борди. Бу шармандали хабар қишлоққа борди-ю, ўрнига Етакчининг ҳалок бўлгани ҳақидаги шум хабар қайтди. Моҳичеҳра шармандали юкни кўтариб юришга чидамадими ё чиндан ҳам «фашистдан ўч олмоқ» қасдидами, ҳарҳолда урушга жўнаворди. Ҳатто ижарада турган уй бекасига ҳам айтмади. Ижара пулини тўлармикин, деб кутаётган аёлга шу бола қолди. Аёл тақдирга тан бериб бир неча ой боқди. Кейин... болалар уйига топширди...

Кесакполвоннинг тили болалар уйида чиқди. Болалар уйида атак-чечак қилди. Болалар уйида эсини таниди. Асосий ҳунари — ўғирликни ҳам шу ерда ўрганди.

Уруш оёқлаб бўлган, аммо дунё ташвишлари озаймаган эди. «Уруш тамом бўлса ота-онам келиб, мени олиб кетади», деган умид билан улғаяётган болалар, тушларида ота-оналарини кўриб, тонгда кўз ёши билан улғаяётган дили пораларнинг ёруғлик кунидан эса дарак йўқ. Ёши каттароқ болалар «Ота-оналаримиз уруш асоратларини тугатиш учун узоқларда меҳнат қилишяпти» ёки «Бизни қидиришяпти» деб ўзларига ўзлари тасалли беришарди. Уруш нима эканини, унинг асорати не эканини билмайдиган, тасаввур ҳам қила олмайдиган Ҳайдар — бўлажак Кесакполвон эса уларга қўшилиб умид қуёшидан баҳра оларди. У отасининг ўғил фарзандли эканидан, ўзидан ҳароми бўлса-да, зурриёд қолаётганидан бехабар ҳаётдан кўз юмганини, онасининг эса беҳуш ҳолда асирга тушганини, уруш тугаб, асирликдан қутулиб, «Ватан хоини» деган лаънат тамғаси билан туманли, совуқ ўлкаларда азоб чекаётганини, Ҳайдар деб исм қўйиб, бегоналар қўлига ташлаб келган боласини соғинаётганини, тонгларни кўз ёшлари билан қаршилаётганини билмас эди.

Болалар умид қуёшига сиғиниб юрган кезларида уларнинг сафларига саккиз-тўққиз ёшлардаги бир бола қўшилди. Нонушта чоғида у Кесакполвоннинг ёнида ўтирди. Берилган нондан бир-икки тишлагач, қолганини чўнтагига яширди.
— Нонингни нимага емадинг? — деб сўради Кесакполвон.

Бола жавоб бермади.

Кесакполвон унинг биқинига туртиб яна сўрагач, бола ён-атрофга бир олазарак бўлиб олиб, сўнг паст овозда деди:
— Ойимларга бераман.

Бу гап Кесакполвонни хайратга солди:
— Ҳали ойинг борми?
— Ўзингники йўқми?
— Менинг ойим урушда.
— Уруш тамом бўлган.
— Уруш асоратларини тугатяпти.

Бола «Қанақа асорат? Гапингга тушунмадим?» дегандай қараб қўйди. Яхшики «асоратларинг нима ўзи?» деб сўрамади. Сўрагандами, Кесакполвон қандай жавоб қайтаришни билмай гангиб қолган бўларди.

Тўйиб она сутини эммаган, тўйиб нон емаган Кесакполвон боланинг бу қилиғига тушунмади.

Улар панжарага яқин ерда ўйнар эдилар. Ўзлари ўйин билан банд, кўзлари эса бир арава аранг сиғадиган кўчада бўларди. Шу кўчадан уларга нон олиб келишарди! Тошбақани эслатадиган усти ёпиқ тўрт ғилдиракли арава кўриниши билан барчаларининг зимистон юракларига чироқ ёқилар, «Нон келяпти! Нон! Но-он!!» деган бахтиёр овозлар янграрди. Ҳар сафар уларнинг назарида арава кўпроқ нон келтираётгандай бўларди. Шу умид билан емакхонага киришиб, яна ўша ҳажмдаги бурда нонни кўришгач, «Нега кўпроқ олиб келмайди?» деб ўйлашар, энагаларининг «Сабр қилинглар болалар, уруш тугасин, тўйиб-тўйиб нон еймиз», деган гапларига ишонишарди. Уруш тугаса ҳам тўйиб нон ея олмаётган, ҳануз нон ташийдиган аравани кутаётган болалар сабрга кўникиб қолган эдилар. Ана шу шароитда боланинг бир-икки тишлам нонга қаноат қилиши Кесакполвон учун ажаб ҳол эди. У «Бола алдаяпти, ҳали беркитиқча еб олади» деб пойлади. Йўқ, бола алдамади, эртасига ҳам, индинига ҳам нонни яширди. Уни кунда пойлаётган Кесакполвоннинг сабри ортиқ чидамади. Нонни ўғирлаб еди! Бирам роҳатланди, бирам роҳатланди!.. «Ўғирлик роҳат келтиради», деган тушунча ўшанда туғилди. Туғилди-ю, онгига муҳрланди. Орадан йиллар ўтиб ҳам бу тушунча заррача ўзгармади.
— Анов бола мени ўлдирмоқчи, — деди эзгин оҳангда. Бу оҳанг замирида «Мен ўлиб кетсам сен айғоқчисиз қоласан», деган маъно ҳам яширинган эди. Ҳомий буни англадими ё айғоқчисига раҳми келдими, ҳарҳолда боланинг таъзирини бериб қўймоқ учун чақирди:
— Бу ёққа кел, душман боласи, — деди Ҳомий.
— Мен душман боласи эмасман! — деди бола титроқ овозда.

У ярим кечада нотаниш одамлар келиб, онасини усти ёпиқ қора машинада олиб кетишганини билади. Онасига «сен халқ душманининг хотинисан, демак, сен ҳам душмансан!» дейишганини эшитган, аммо бу айбловнинг маъносига тушуниб етмаган эди. Ҳозир бу айбловни Зўрнинг тилидан эшитиб, юрагидаги яра тирналди.
— Менинг ойим дўхтирлар, душман эмаслар! — деди овозини бир оз кўтариб.
— Ўчир! — деди Ҳомий раста овозда. — Буни нега ўлдирмоқчисан?
— Нонимни ўғирлади.
— Қанақа нон?
— Душман ойисига йиғаятувди, йўқотиб қўйибди, — деди Кесакполвон, «душман» сўзига урғу бериб.
— Бу душманнинг иши! Сен етимларнинг ҳақини душман онангга бермоқчи бўлдингми?! Сени болшевикчасига тарбиялашимиз керак. — Ҳомий қандай тарбия қилишни бир оз ўйлаб олгач, қатъий тарзда ҳукм чиқарди: — Ҳар куни нонингнинг ярмини менга берасан!
— Бермайман, — деди бола.
— Бермасанг — ўласан!
— Ўлсам ҳам бермайман. Сен — текинхўрсан!

Ҳомийси олдида ботирлашган Кесакполвон боланинг кекирдагига чанг солди.

Хулоса шуки, бола нонининг ярмини болшевикча тарбия учун қурбон қилишга мажбур бўлди. Ярмини эса... онасининг ҳақига хиёнат қилмади, ўзи емай, йиғаверди. Кунлар ўтгани сайин у ҳолдан тойиб, ранглари сарғаяверди. Бир куни ошхонага кираверишда боши айланиб, йиқилди. Уни касалхонага олиб кетдилар. Болани бошқа кўрмадилар. Унинг аҳволи, тақдири билан қизиқмадилар...

Вақт ўтиб, қорин нонга тўядиган кунлар ҳам келди. Вояга етиб, болалар уйидан учирма бўлган бир Зўрнинг ўрнини иккинчиси эгаллайверди. Шу зайлда Кесакполвоннинг ҳомийлари ҳам ўзгараверди. Ёзилмаган қонун асосида янги Зўр салафининг ишини рисоладагидай давом эттирарди. Ёш улғайиши ёки Зўрнинг хоҳиши билан айрим болаларнинг вазифалари ўзгарарди. Бошқалар айғоқчиликни дуруст эплаша олмасмиди, ё бу «вазифа»дан ҳазар қилишармиди, ҳарҳолда Кесакполвон бу касбидан узоқлашмади.

У баъзан мартабаси кўтарилмаётганидан афсусланарди. Аммо бошқа вазифаларга нисбатан айнан унинг — айғоқчининг Зўрга яқинлиги тасалли берарди. Айнан шу яқинлик туфайли бир кунмас бир кун Зўрнинг ўрнини эгаллаши мумкинлигига ақли етиб турарди.

Муддаоси сари яқинлашаётган дамда кимнингдир истаги билан бу болалар уйи ёпилди. Улар турли болалар уйларига тарқатилдилар. Кесакполвон катта шаҳарга шу зайлда келди. Асадбек билан ҳам шу баҳонада танишди. Аниқроғи, Асадбек ўқийдиган синфга келиб, энг охирги партага, бўйи бошқаларникидан узунроқ бўлган бола ёнига ўтирди. Қовоғини солиб, тумшайиб ўтирадиган бу боланинг исми Асад эди. Кесакполвон унинг бўйига, авзойига қараб, «Зўри шу бўлса керак», деб ўйлаб янглишмади. Асадбек бошқаларни ҳуда-беҳуда урмаса ҳам, сўкмаса ҳам ёши каттароқ бўлгани учун ундан ҳайиқишарди. Кесакполвон унинг мактабга кечроқ чиққанини, отаси қамалган йили эса синфда қолганини дастлабки кезлар билмасди.

Бир куни синф раҳбари кириб Асадбек билан Кесакполвонни ўринларидан турғизди.
— Турдиалиевнинг перосини қайси биринг ўғирладинг? — деди ғазабли кўзларини уларга тикиб.

Бу даврга келиб Кесакполвон кўзларини лўқ қилиб қарашнинг устаси бўлиб қолган эди — ўқитувчига «Бунақа гапдан хабарим йўқ», дегандай безрайиб қараб тураверди. Ўғирликни ор деб билган Асадбек эса бундай қила олмади. Гумоннинг ўзиёқ уни уятдан бош эгишга мажбур этди.
— Мен ўғри эмасман, — деди у ўқитувчига тик қарай олмай.

Шу заҳоти унинг юзига шапалоқ тушди:
— Сен, унсурнинг боласи, менга тўнғиллама. Дарс тугагунча перони жойига қўймасанг — қамаласан! Энди ҳамма туриб, халқ душманининг ўғлига, ўғрига ўз нафратини изҳор қилсин!

Кесакполвон нафрат қандай изҳор қилинишини билмас эди. Отаси қамалганидан бери бундай хорлик тузини татиб кўраётган Асадбек қочмоқчи бўлди. Аммо синф раҳбарининг омбурдай қўллари қулоғини бураб, жойидан жилдирмай қўйди. Болаларнинг айримлари унга яқинлашиб, тап тортмай тупурдилар. Айримлари эса қўрқа-писа «туф» деб ўтдилар. Синф раҳбари истамайроқ тупурганларни тўхтатиб, нафратни астойдилроқ изҳор этишга мажбурлади. Шу зайлда нафратлар изҳор этилиб бўлингач, синф раҳбари Кесакполвонга қараб:
— Сен-чи? — деди.

Душманлар рўйхатига тушиб қолмаслик учун Кесакполвон ҳам тупурди. Бу дунёнинг ажабтовурлиги шундаки, валади зино ҳалолга, ўғри тўғрига тупурди! Кесакполвон бошқаларга қўшилиб «нафратини изҳор» этди-ю, «Ҳали бу абжағимни чиқармаса эди», деб қўрқди.

Танаффус пайтида синфнинг зўри бўлмиш Асад болаларни чертмади ҳам, сўкмади ҳам. Ҳовлига чиқиб, дарахтга суянганича маъюс ҳолда тураверди. Эртага қичиши мумкин бўлган ерини бугун қашиб қўйишни ўрганаётган Кесакполвон унга қўрқибгина яқинлашди.
— Оғайничалиш, сен мендан хафа бўлма. Агар туфламасам мендан кўрарди.

Асадбек ўзига нисбатан ёши ҳам, бўйи ҳам қисқа бу болага бир қараб олди-ю, индамади.
— Перони сен олмагансан. Отанг душман бўлгани учун...
— Менинг отам душман эмас! — деди Асадбек ўқрайиб. Унинг муштлари тугилиб, важоҳати ўзгарди. Болалар тупураётганда бунақа ҳолга тушмаган эди.
— Мен душман демадим-ку! Улар шунақа деб ўйлашаркан-да. Синфда бир нарса йўқолса ё сендан, ё мендан кўришади. Мен детдом боласиман. Демак, мен ҳам ёмонман.
— Ёмонлигинг тўғри. Перони сен олгансан.
— Йў-ўқ, олганим йўқ.
— Олдинг. Ўзим кўрдим.
— Кўрган бўлсанг... унда нимага айтмадинг?
— Мен сотқин эмасман. Сенга ўхшаган ўғри ҳам эмасман...
— Мени ўғри деяпсанми?.. Ҳа, майли, ўша перосини мен олдим. Бериб тур, десам бермади. Бермагандан кейин оламан-да. Агар ўзи йўқотиб қўйганида ҳам барибир биздан кўришарди. Ундан кўра ўзимиз олганимиз яхши эмасми? Ма, — у шундай деб чўнтагидан перо чиқариб узатди, — эгасига бер. Яна қаматиб юрмасин.
— Ўзинг бер.
— Мен нима деб бераман?
— Ўғирладим, дейсан.
— Сендан кўришяпти, ўзинг берганинг яхши.
— Мен берсам, мен ўғирлаган бўлиб чиқаман.

Кесакполвон бу гапни эшитиб, бирпас ўйланди-да, «Гапинг тўғри, шу ерда тур», деб нари кетди. Турдиалиев дегани доимо озода кийиниб, бўйнига шоҳи қизил галстук тақиб юрувчи нимжонроқ бола эди. Кесакполвон уни чақириб, панароқ жойга бошлади. Аммо жуда хилватга ўтишдан ўзини тийди. Асадбекнинг шу томонга қараб турганига ишонч ҳосил қилгач, аввал яхшилик билан гап бошлади:
— Перойингни Асад ўғирлаганини кўрдингми?
— Йў-ўқ, — деди Турдиалиев.
— Бўлмаса директорингга кириб айт, пероимни йўқотиб қўйган эканман, топдим, де.
— Сенга нима? Сени ўғри қилмадик-ку?
— Ўғри менман! — Кесакполвон шундай деб унинг кекирдагига чанг солди: — Ё айтасан, ё ўласан! Мен детдом боласиман, а? Айтасанми ё йўқми?

Эсхонаси чиқиб кетган Турдиалиев хириллади:
— Айтаман, қўйвор энди.

Кесакполвон чўнтагидан уч-тўрт перо чиқариб унга узатди:
— Танлаб ол, қайси бири сеники?

Турдиалиев титроқ бармоқлари билан отаси Москвадан олиб келган перони танлаб олди.
— Буни эскитиб қўйибсан. Эртага менга янгисини олиб келасан. Тўхта, яна битта гап бор: синфда йигирма иккита бола бор, а? Ҳар битта боладан беш тийиндан тўплаб берасан.
— Нимага?
— Тупурганларинг учун. Битта тупуриш беш тийин. Сен ўзинг ўн беш тийин тўлайсан. Сени деб бўлди ҳаммаси. Билиб қўйларинг: ғиринг десаларинг — сўяман! Битта-битта ушлаб сўяман. — У шундай деб чўнтагидан буклама пичоқча чиқаргач, Турдиалиевнинг кўзлари ола-кула бўлиб кетди.

Шу воқеа баҳонасида у ўзи ҳам кутмаган ҳолда синфнинг зўрига айланиб қолди.

Асадбек ундан анчагача нафратланиб юрди. Кесакполвон унинг нафратини сезиб турар, аммо бу нафратни уйғотувчи омилни идрок қила олмас эди. Гарчи Асадбек «душман боласи» тамғаси остида юрса-да, унинг бошқа олам фарзанди эканини тушунмасди. Тушунмоқ учун эса ўзининг валади зино эканини билмоғи лозим эди.

Мактабда, хусусан, уларнинг синфида ўғирлик давом этар, чув тушган айрим болалар ёнида пичоқча олиб юрувчи бу «детдомчи»дан қўрқишиб индашмас, айримлари арзи ҳол қилган тақдирларида ҳам ундан гумонлари борлигини билдиришмас эди. Асадбек яна икки карра нафрат нишонига айлангач, Кесакполвон уни тартибга чақирмоқчи бўлди:
— Иккитасини боплаб абжағини чиқаргин, кейин туфламайдиган бўлади. Нима, қамалишдан қўрқасанми? Бунақа тургандан кўра қамалиб кетган минг марта яхши.

Бу заҳарли гапдан кейин Асадбек «ёрилди»:
— Қамоқдан қўрқмайман, — деди у. — Мен қамалиб кетсам ойимларга ким қарайди?

Кесакполвон Асадбекнинг бу дардига ҳам тушунмади. Она сутига, меҳрига қонмаган, қалби «онага муҳаббат» деган туйғудан ҳоли бу бола она ҳузуридаги масъулият, бурч деган тушунчаларни идрок қилиши мумкин ҳам эмасди.

Кесакполвон ўша онларда юқори синфларда ўқийдиган зўрларга ҳам яқинлашишга ҳаракат қилди. Улардан бир-икки тепки егач, бу йил бўлмаса келаси йили мактабнинг мутлақ зўри мартабасига етувчи Асадбекдан дурустроғи йўқ эканига ишонди. Асадбек «Сен бола, ўғирлик қилма!» деб урганида ҳам ранжимади. Асадбекнинг кўнгли совиб, гаплашмай қўйган кезларида эса юқори синфда ўқувчи Жалилни ишга солди. Тўғри, аввалига Асадбек билан Жалилнинг ораларидан қил ўтмас даражадаги дўст эканликларини билиб, ғашланди. Ўзини Жалилнинг ўрнида кўришни истади. Аммо бу дўстликни унча-бунча куч бузолмаслигини билгач, Жалилдан фойдаланадиган бўлди.

Болалар уйидаги ҳаёти оёқлаб, «катта ҳаёт»га учирма бўлишга ҳозирлик кўриб юрган кезлари бир аёл келди. Тарбиячилар уни «Сенинг онанг», деб таништиришди. Аёл йиғламсираб «Болам!» деганича уни бағрига босди. Кесакполвоннинг эти ҳатто жимирламади. Бир пайтлар болаларга қўшилиб онасини кутган Кесакполвон бўзлаётган бу аёлнинг онаси эканини ҳис эта олмасди. Аёл шу соғинч, шу бўзлаш билан харсанг тошни қучиб меҳрини берса, балки тош эриб кетарди. Лекин Кесакполвон ўшанда қилт этмади.

Онаси уруш офатларини, асирлик азобларини, қамоқ жафоларини айтиб йиғларди. Кесакполвоннинг эса киприги қилт этмасди. Кесакполвон тошдан ҳам қаттиқроқ эди — ёрилмади.

Онаси «уйга олиб кетаман», деди. «Барибир қаердадир яшашим керак-ку», деб кўнди. Жангда жароҳатланиб асирга тушиб қолган, урушдан кейин қамалган онаси Сибирда ўзига ўхшаган одам билан топишган экан. У «Хоҳласанг «дада» де, хоҳласанг «Тошмат ака» де», деб ўзини таништирди. Ўз онасини «она» дея олмайдиган одам бегонани «дада» дермиди? «Тошмат ака», деяверди. Тошмат ака деганлари жуда инжиқ экан. Кесакполвоннинг ҳар қадамини кузатади. «Ундай қилма, бундай қил», деб ақл ўргатаверади. Бу ҳам етмагандай, кечалари бақириб, кимларнидир жангга бошлайди. Хуллас, бу ҳаёти жонига тегиб, уйдаги қўлга илинарли нарсаларни ўмарди-ю, ғойиб бўлди.

Кесакполвон онасини тушунмади. Тушуниши мумкин ҳам эмасди. Онаси эса ғолиб нафснинг лаҳзалик роҳати учун бу дунёдаги умрини қурбон қилганини англаб етди. Шу боис ўғлини бошқа қидирмади...

VI боб

1

Зоҳид «Ёшлигида Жамшид Суннатуллаевга ошиқ бўлган бу хоним ким экан?» деган қизиқиш

билан муовиннинг эшигини аста тақиллатди. Ичкаридан «Бандман!» деган ингичка овоз эшитилди. Зоҳид одоб юзасидан пича кутди. Сўнг яна тақиллатди. Ичкаридан бу сафар «Бандман!» деган овоз зардали оҳангда келди. Зоҳид бу зардага парво қилмай эшикни қия очди-да «Мумкинми?» деди.
— Бандман, кутинг, — деди муовин жаҳл билан.

Зоҳид бу гапни ҳам эшитмагандай эшикни каттароқ очиб, остона ҳатлади. Хона тўридаги катта столга тирсагини тираб ўтирган жиккаккина, қалдирғоч қанотидай қайрилма қош остидаги думалоқ кўзларидан қаҳр ёғилиб турган аёл «Бу безбет йигит ким бўлди экан?» деб ўйлаб ҳам ўтирмади.

Унинг ҳузурига турли юмуш билан турли тоифа одам келиб турарди. Булар орасида мулойимлари ҳам, безбетлари ҳам, ширинсўзлари ҳам, тўнкамижозлари ҳам бўларди. У барчани бир тарзда — қошларини чимирган ҳолда қабул қиларди. Фақатгина гап орасида ҳуснини мақтаб ўтувчи эркакларгагина бир жилмайиш ҳадя этиб қўяр эди.

Агар Зоҳид шоиртабиат бўлганидами, «Бу оҳу кўзларга ғазаб эмас, кулиб туриш ярашади», деган гаплар билан кўнглини овларди. Зоҳид шоиртабиат ҳам эмас, бу аёлнинг кўнглини овлаш нияти ҳам йўқ. Бундан ташқари хонасига кирувчини ит каби қопадиган раҳбару раҳбарчаларга азалдан тобу тоқати йўқ. У ичкарига бир қадам қўйиши билан муовин жаҳл билан ўрнидан турди:
— Сизга «Бандман!» дедим?!
— Эшитдим, — деди Зоҳид. — Афсуски менинг вақтим зиқроқ, бошқа кутолмайман.
— Менинг ҳам вақтим зиқ. Сизни қабул қила олмайман.
— Вақтингиз бўлмаса ҳам бостириб киришга мажбурман. Хизматим шунақа. — Зоҳид шундай деб унга яқинлашди-да, ҳужжатини узатди. Муовин гувоҳнома билан танишгач, шаштидан қайтди. Ўрнига ўтирди. Аммо жиддийлигини йўқотмади, қошларини чимирган ҳолда:
— Хизмат? Биз нима гуноҳ қилибмиз? — деди.
— Гуноҳингиз йўқ. Бир ишга аниқлик киритишда ёрдам берсангиз?
— Марҳамат, сўранг. Фақат имилламанг, вақтим зиқ.
— Сиз... Жамшид Суннатуллаев деган йигитни танирмидингиз?

«Танирмидингиз?» деган сўз муовинга «ўша воқеани эслайсизми?» деган писандадай туюлиб, юраги шув этиб кетди. Чимирлаган қошлари асл ҳолига қайтди. «Шунча йилдан кейин нимага кавлаштириб келди?» деган ўй уни муовинлик шоҳсупасидан оддий гуноҳкор банда ҳолига бир зумгина туширди. Йиллар бўйи вужудини бошқариб келаётган кибр бу оний чекинишдан ғолиб чиқиб, уни яна ўша шоҳсупага кўтарди. У яна қошларини чимирди:
— Ким дедингиз? Эслолмаяпман?
— Наҳотки?— Зоҳид ажаблангандай унга тикилди.— Сизни зўрламоқчи бўлган йигит... Қамалиб кетган.
— Ҳа, уми... анча йил бўлди. Эсимданам чиқибди.
— Қизиқ?
— Нимаси қизиқ?
— Бунақа воқеа эсдан чиқмаса керак деб ўйларканман.
— Яна нималарни ўйлайсиз? — деди Муовин пичинг аралаш зарда билан. — Ёшлигимда бунақа йигитлардан мингтаси атрофимда илакишиб юрарди.
— Буни билмадим... Балки мингтадан ҳам кўпроқдир. Лекин уларнинг ҳаммаси қамалмагандир? Бунақаси биттадир?
— Балки биттадир... Қани, гапни айлантирмай, мақсадингизни айтинг.
— Суннатуллаевни охирги марта қачон кўрган эдингиз?
— Бетинг қурғурни ўша суддан кейин кўрмадим.
— Кейин... қамоқдан чиққанидан кейин илакишмадими?
— Кейин кўрганим йўқ.
— Сиз унинг тақдири билан қизиқмадингизми?
— Нимага қизиқишим керак экан?
— Ахир... отаси билан бирга ишлар эдингиз?
— Ишлар эдик. У одам ишдан бўшаб кетган.
— У одам ҳозир оғир касал эмиш?
— Бўлса бордир. Иссиқ жон...
— Ҳа, иссиқ жон... Суннатуллаевни ўлдириб кетишибди, эшитмадингизми?
— Мен ўлдирмабманми, ишқилиб?
— Йўқ, сизмасдирсиз.
— «Сизмасдирсиз?» Нима демоқчисиз?

Зоҳид кўмирга айланган мурда суратини чўнтагидан олиб, унга узатди:
— Бунақа иш сизнинг қўлингиздан келмаса керак, демоқчийдим.

Муовин Жамшиднинг ўлганини эшитган, аммо бундай ваҳшийлик содир бўлганини билмаган эди. Суратни кўриб бир чўчиб тушди. Уни бу ноқулай аҳволдан мўъжаз репродуктордан келган овоз қутқарди:
— Марказкомдан шоширишяпти, хат тайёр бўлдими?

Муовин шошиб микрофонга энгашди:
— Йўқ, опажон.
— Нимага чўзяпсиз? Бу масала пленумга қўйилишини айтдим-ку сизга!
— Прокуратурадан бир ўртоқ келиб, мени сўроқ қиляпти.
— Ҳузуримга киринг. Тез бўлинг.

Муовин «ешитдингизми?» дегандай қошларини чимирди-да, бетакаллуф тарзда хонадан чиқди. Бир неча дақиқадан сўнг анча дадиллашган ҳолда қайтиб, жойига ўтирди.
— Яна нимани сўраб билмоқчисиз?
— Суннатуллаев сизни зўрламоқчи бўлган ўша ишда сиз терговчига «Ундан қочаман, деб ўзимни деразадан ташладим», дегансиз. Судда эса «Деразадан итариб юборди», дегансиз. Қайси бири тўғри?
— Бу одамнинг ўлимига менинг кўрсатмаларимнинг нима даҳли бор? Сиз қотилни қидиряпсизми ё эски гўнгни титяпсизми? Мақсадингиз нима?
— Сиз саволимга жавоб бермадингиз?
— Жавоб бермайман ҳам. Қандайдир терговчининг бемаъни саволларига жавоб қайтаришга тоқатим ҳам, вақтим ҳам йўқ.

Зоҳид қайрилма қош бу Муовиннинг бу тарзда дадиллашиши сабабини билмай турганида телефон жиринглаб масалага ойдинлик киритди. Муовин телефон гўшагини қулоғига тутди-да, «Ҳа, шу ерда», деб Зоҳидга маъноли қараб қўйди. Сўнг гўшакни узатди:
— Сизни сўрашяпти.

Зоҳид ажабланган ҳолда гўшакни қулоғига тутди-да:
— Эшитаман, Шарипов, — деди.
— У ерда нима қилиб ивирсиб юрибсиз. Ҳурматли одамларни беҳурмат қилишга ким сизга ҳуқуқ берди?
— Кечирасиз, сизни танимай турибман? — деди Зоҳид.

Бўлим бошлиғи ўзини танитгач, Зоҳид «зўрсизлар-ку!» деган маънода Муовинга қараб қўйди-да:
— Мен юритилаётган иш юзасидан келдим бу ерга, — деб изоҳ берди.
— Ишга уларнинг даҳли йўқ. Дарҳол узр сўрангу ҳузуримга етиб келинг.
— Яхши. Яна бир-икки савол бераману етиб бораман.
— Ҳеч қандай савол берилмасин!
— Яхши.

Зоҳид гўшакни Муовинга узатиб:
— Бу иморат анча баланд қилиб қурилган экан, а? — деди.
— Сиз шошиб турибсиз шекилли, чақиришяптими? — деди Муовин қошларини чимириб.
— Ҳа, ҳозирча шошиб турибман. Кейин бафуржа гаплашамиз.
— Овора бўлиб келиб юрманг. Бошқа айтадиган гапим йўқ сизга.
— Энди опажон, бу масалани биз ҳал қиламиз. «Овора бўлиб келиб юрманг», деб яхши айтдингиз. Сизга чақирув қоғози юбораман, прокуратурага ўзингиз бора қоласиз.

Муовин гезрайганича қолаверди. Зоҳид хонадан чиқди-да, «Қоровул бало экан», деб қўйди.

Қоровул эса уни бир пиёла чойга таклиф қилиб:
— Қалай, қопмадими? — деб сўради.
— Ўзи қополмади, зўрроғи бор экан, ўшанга қоптирди, — деб кулди Зоҳид.

Зоҳид қоровулга кулимсираб гапиргани билан найза санчилган ҳолга келган қалби фарёд урарди. Зоҳид чигирткадай кўринган аёлнинг бу даражадаги офат эканини тасаввур ҳам қилолмаган эди. Мана ҳозир орқасидан тепки еган нотавон одам кепатасида бўлса ҳам қоровулга сир бой бермаслик учун ҳазил билан жавоб қилиб, кўчага чиқди. Чиқди-ю, яна қайтгиси, усталик билан, маданий тарзда тепиб чиқарган Муовиннинг опажони ҳузурига кириб боргиси келди. Зоҳид уни сиртдан биларди. Зоҳидга маълум бўлгани — у қаҳрамон! Радио-телевизорда, матбуотда номи тез-тез зикр этилувчи аёл. Зоҳид семиз бу кампирнинг қиёфасини кўз олдига келтириб «Каттамизни терлатганга ўхшайди-да», деб қўйди. У билмайдики, қаҳрамон кампир у ўйлаган «катта»га эмас, балки ундан каттароғига арз қилган. Ўша каттароқ пастроққа, униси яна пастроққа зуғум қилгач, занжир реактсия амалга ошиб, Зоҳиднинг бошлиғи бевошликда айбланиб, унга «сиёсий кўрлик» «унвони» берилди. Буни англаб етган раҳбар чўғни босиб олгандай талвасага тушди. Кимгаки, «сиёсий кўрлик» «унвони» насиб этдими, баланд мартабалар йўли тўсилиши ҳам майли, тагига сув кета бошлайди. Бир аҳмоқ ходимининг қилиғи учун мансабдан айрилишни ким ҳам истар эди?

Зоҳид ҳали буларни билмайди. У ҳозир кўчада кетатуриб изига хаёлан қайтиб, ҳар нарсага қодир ўша кампиршога аччиқ-аччиқ гапларни айтарди: «Минбарларда айтган гапларингиз нима-ю, бу қилиғингиз нима? Адолат, адолат, дейсиз, халқ манфаати, дейсиз. Ўзингиз эса халқнинг бир фарзандини беайб қаматиб юборасиз. Менинг билганим фақат Суннатуллаев. Сиз яна нечта одамнинг умрига зомин бўлгансиз? Ҳеч ҳисоб-китоб қилганмисиз? Сиз минбарда кўпириб айтган адолат бошқа, биз ҳимоя қилмоқчи бўлган адолат бошқами? Адолатнинг ранги нечта ўзи? Оддий одамлар адолати жонсизу сизларники Ўлмас Кашчейдек даврон сураверадими? Ўша Ўлмас Кашчейингизнинг жони қайси қутичада сақланади ўзи? Ўша қутичага бизнинг қўлимиз етмайдими? Ундаги тухумни олиб қуритишга ким қодир?..»

Қаҳрамон кампиршога бўлган қаҳрини хаёлан сочиб бораётган Зоҳид бир зум тўхтаб, ўзидан-ўзи нафратланди. Шартта қайтишга, бу гапларни унинг юзига тик қараб туриб айтишга журъат қилолмагани учун ўзидан-ўзи нафратланди. Эркакнинг ўзини ночор сезиши — қалби учун оғир азобдир. Тан азобидан бир неча ҳисса ортиқроқдир. Тан азобигаю малҳам эм бўлар, қалб азобига-чи? Дурадгорнинг михи тугаса, бир-икки кун ночор бўлар. Аммо адолат мих эмаски, бу дўконда бўлмаса, бошқасидан топиб ишини давом эттираверса...

Зоҳид ғашланган кўйи идорасига етиб борди. Навбатчи раҳбари кутаётганини маълум қилгач, «Телефондаги гапи чала қолган экан-да» деган фикрда унинг хонаси томон юрди.

Ичкаридан раҳбарининг бақириб айтаётган гапларини эшитиб тўхтаган эди, котиба «кираверинг, кутяптилар», деди. Зоҳид эшикни очиб, ичкарига икки қадам қўйди-ю, тўхтади. Раҳбари қўлида бир тутам қоғозни ушлаб, силкитганича Зоҳиднинг ҳамкасбига танбеҳ берарди.

Зоҳиднинг кириб келганини кўрса ҳам, эътибор бермай, дағдағасини давом эттирди:
— Сиёсий кўрликдан қачон қутуласанлар ўзи?! Қачонгача мен сен галварсларни деб дакки эшитаман? Сен, қовоқмия, буларга нима деб айб қўйяпсан?
— Бандитизм... — деди терговчи.
— Ҳа, бандитизм! Кўр эмасман, ўқидим, айбловингни. Энди мен шу аҳмоқона қоғозингга қўл қўяйми? Сенга қўшилиб мен ҳам партия сиёсатига қарши чиқайинми? Сени деб мен ҳам қамоқда чирийинми? Сен менга айт, КПСС йигирма биринчи съезди қарорларини ўқиганмисан? Айт, ўқиганмисан?
— Эсимда йўқ...
— Ҳа, эсингда йўқ. Эснинг ўзи борми, сен галварсда? Сен учун мен ўйлашим керакми, а? Сенлар жарақ-жарақ пул ишлайверларинг, бойвачча бўлиб керили-иб юраверларинг. Мен эса сенлар учун ўйлаб юрай, эслаб юрай... Ҳозир чиқиб, съезд қарорларини ўрганиб, кейин келасан, — у шундай дегач, қоғозларни терговчига қараб отди. Қоғозлар мўлжалдаги манзилга етмай, сочилиб кетди. Терговчи қоғозларни йиғиштираётганида раҳбар Зоҳидга қаради:
— Қани, доно йигит, сен биласанми, партия қарорларини?
— Партиянинг қарорлари кўп, қайси бирини айтяпсиз?
— Қара-я, яхши эслатдинг, мен аҳмоқ қарорларнинг кўплигини билмас эканман. Съезд фақатгина бандитизм ҳақида қарор қабул қилган, деб юрарканман, — деди раҳбар пичинг билан. — Қани, нима деган, сен менга айт!

Зоҳид елка қисди: йигирма биринчи съезд қачон бўлгану нима деган, кимнинг эсида турибди? Ҳатто партиянинг раҳбарлари ҳам унутишгандир бу қарорларини. Нафсиламрни айтганда, ўзини сиёсий ҳушёр, билағон қилиб, ходимларини эзаётган бу раҳбар ҳам съезднинг фақат шу қароринигина биларди.
— Билмайсанлар! Ҳа, билмайсанлар, лекин донолик қилиб, осмондан келасанлар. Ўргилдим, сендақа донолардан! Сенлардақа юзта донони йиғиб келса, бир грамм ақл топилмайди-ю, яна кариллайсанлар-а! Билиб қўйларинг: КПСС йигирма биринчи съезди қарорларида «СССРда бандитизм барҳам топган», дейилган! Сен эса, — у терговчига бармоғини бигиз қилди, — «йўқ, съезд адашган, бизнинг шаҳарда бандитизм бўлиб туради», демоқчимисан? Э, ўргилдим, сенлардақа калтабинлардан. Ярим соатдан сўнг айбловни ўзгартириб кел.
— Нима деб қўяй? — деб сўради терговчи қоғозларни йиғиштириб бўлгач.
— Бало дейсанми, баттар дейсанми, ўйла, каллангни ишлат! Шу ишинг учун давлат сенга пул тўлайди. Калланг пўла бўлса, бўшатиб қўй, каллалилар ишласин!

Терговчи елкасига шу каби тавқи лаънат тошларини ортиб, ночор аҳволда хонадан чиқди. Зоҳид эса аста юриб бориб унинг ўрнига турди. Гўё қолган-қутган лаънат тошларини ортиш учун елкасини тутди. Раҳбар унга қовоқ уюб қаради, ўзи ҳам ўтирмади, уни ҳам ўтиришга таклиф этмади.
— Хўш, доно йигит, қаерга борганингизни биласизми, ўзи?
— Оддий бир идорага, — деди Зоҳид ўзини хотиржам тутишга тиришиб.
— Сиз учун оддийдир. Аммо, — раҳбар кўрсатгич бармоғини шифтга қараб нуқди, — юқоридагилар учун оддий эмас. Сен бола, Суннатуллаевнинг алмисоқдан қолган ишини нимага кавлаштиряпсан? Сенга бу «Иш» тугалланган, ёп, дейилганми, нега ёпмаяпсан?
— Иш ҳали мутлақо мавҳум.
— Нимаси мавҳум? Суннатуллаев ўлдирилдими? Уни ўлдирганлар ҳам ўлдирилдими? Униси ҳам, булари ҳам дордан қочган жиноятчилармиди? Сенга яна нима керак? Хурсанд бўлиб ёпавермайсанми? Сен қилолмаган ишни ўзлари қилишяпти. Бир-бирининг гўштини еяпти. Йиғиштир, бунақа донолигингни!

Зоҳид Саид Қодировнинг топшириғини эслаб, раҳбарга эътироз билдирди:
— Бу ишни ёполмайман. Мени мажбур қилолмайсиз. Керак бўлса, юқорига арз қиламан.
— Ўҳ-ҳў... зўрсан-ку, а?! Қани, ёзиб кўр-чи? Э, сенга хат-савод ўргатганни... — раҳбар сўкиниб, жойига ўтирди. — Мишиғини артолмайди-ю, яна мен билан олишади-я! — У шундай деб столи устидан бир «Иш»ни олиб, Зоҳидга узатди: — Ўн беш кунда жавобини айтасан. Бор, ишингни қил.

Зоҳид «Иш»ни олиб бурилди. Остонага етганида раҳбарнинг сўкиши эшитилди. Зоҳид орқасига кескин ўгирилиб, кўзларидаги ғазаб ўти билан унга жавоб қилди.

3

У хонасига киргач, жойига ўтиргиси ҳам келмади. Юзаси чойнак изларидан доғ бўлган стол кўзига баттар хунук кўринди. Қўлидаги «Иш» зил-замбилдай туюлиб, стол устига «тап» этиб ташлади. Қоғозлар қатидан енгил ғубор кўтарилиб, димоғини қичиштирди. Икки-уч акса ургач, енгиллашгандай бўлди.

Бирон ишга қўл урилган маҳалда юқори мартаба эгаларининг аралашувлари, оқибатда ожиз одамдай четга чиқиб қолиниши Зоҳид учун янгилик эмас. Акасининг ўлимидан сўнг бундай ҳақсизликни кўп кўрди. Одам зоти янтоқзорда юриб, оёқлари тиконларга ўргангандай, ҳақсизликка учрайверса, унга кўникиб қолади. Ҳатто ҳақсизликка узоқ вақт дуч келмаса, уни қўмсайди ҳам. Зоҳид ҳақсизлик деб аталмиш тўқайзорда юрганини аллақачон фаҳмлаб етган, неча йилки, бу тўқайзорда адолат гулини излайди. У билмайдики, тўқайзорда гул битмас, адашиб битган тақдирда ҳам ундаги тўнғизлар янчарлар, йўқ қиларлар.

Зоҳид эса излагани, гул деб ўйлагани сассиқ алаф бўлиб чиққан онларда афсусланади, аммо ишонч билан излайверади. Зоҳид илм гулшани сари бораётиб ўз йўлини тўқайзорга ўзи бурди. У тўқайзорда сассиқ алафларнинг, қамишларнинг, гулни пайҳон қилғувчи тўнғизларнинг кўплигидан ажабланмайди. Уни қийнайдиган савол битта: бу ҳақсизлик тўқайзори қачон обод бўлади? Инсон фарзандлари қачон адолат гулшанидан баҳра оладилар? Бу савол уйғонган дамда яширин бир овоз «ҳеч қачон!» деб жавоб беради. Ана шунда Зоҳид бу овозни бўғади, адолат гулини топмоқ ишончини сўндирмайди. Унинг бу ишончи узоқ давом этувчи хасталикка ўхшайди — ўлиб ўла қолмайди, жонланиб, жонланмайди. Ишончи ўлиб қола қолса эди, у ҳақсизлик тўқайзорини бутунлай тарк этиб, умидини шу ернинг ўзига дафн қилиб қутулар эди.

Бугун кўрган-кечирганлари унинг ишончини яна ўлим тўшагига қулатди. У зиндон нима эканини, зиндон азоби қандай бўлишини билмайди. Лекин хонаси ҳозир унга зиндон каби туюлди. Деворлар ўрнидан силжиб, хона тораяётгандай, уни эзаётгандай бўлди.

Яна бир оз шундай турса, руҳининг азобланишига чидай олмаслигини фаҳмлади. Хаёлини нима биландир чалғитиши лозимлигини англади. Бу хонада хаёлини чалғитишнинг ягона йўли — жойига ўтириш, Саид Қодировнинг айтганини бажариш — юқорига арзнома ёзиш. Шу юмуш ўзига ҳам маъқул келиб, жойига ўтиргач, қоғоз олди-ю, ёза бошлади. Вужудини эзаётган ҳасратлари ҳарфларга айланиб, қоғозга тушди-ю, сал енгил тортгандай туюлди. Саид Қодировга қўнғироқ қилди. У томондан жавоб бўлмагач, раҳбари берган «Иш»ни ҳафсаласизлик билан варақлай бошлади. «Иш №... Ботиров Шокир... 1986 йили 21 декабр куни балоғатга етмаган қизни зўрлаган. Ўзбекистон ССР жиноят протсессуал Кодексининг 94-моддаси... Ўн бир йил муддатга озодликдан маҳрум этилган... Прокурор ўн беш йил сўраган... Жиноятчилар тўрт киши бўлган... Суд эса биргина Ботировни ҳукм этган... Ботиров муқаддам, 1980 йилда ЎзССР жиноят протсессуал Кодексининг 89-моддаси билан судланган...»

Шу жойга келганда Зоҳид сергак тортди. Ҳатто ҳуқуқ илмидан бехабар одамнинг ҳам ақли етадиган масалага нечун суд эътиборсиз қараган? Қолган учта жиноятчи қани?

Зоҳид «Балки саҳифалар ўрни алмашиб кетгандир», деган ўй билан қоғозларни бир-бир кўздан кечирди. Кейин зўрланган қиз — Моҳира Нуриддинованинг суддаги кўрсатмаларини ўқиб чиқди. Уни тўрт йигит чала битган тўрт қаватли иморатга бошлаб борган. Тўртталаси ҳам нафсини қондирган. Лекин... улар орасида Ботиров бўлмаган. Тергов пайтида «Ботировни кўрсатасан», деб мажбурлашган...

Зоҳид «Иш»ни ёпиб, ўйланиб қолди. Назарида бу «Иш» ҳам Суннатуллаевга оид «Иш»нинг мантиқий давомидай туюлди. Бир неча йиллар муқаддам Суннатуллаев туҳмат билан қамалган. (Зоҳид бугунги воқеадан сўнг унинг туҳмат билан қамалганига қатъий ишонч ҳосил қилди). — Ботировнинг «Иш»идан ҳам туҳматнинг иси келиб турибди.

«Бундай туҳмат билан қаматишдан ким қандай манфаат кўради? Шариф Намозов «Иш»ида ўртада мол-дунё турибди. Суннатуллаев эса ўша хонимчадаги йўқ номусга қурбон бўлди. Ботиров ниманинг қурбони бўлган?»

Зоҳидни таажжубга солган яна бир нарса — дастлабки суд Ботировни жиноятчи деб топиб, ўн йил муддатга озодликдан маҳрум этган. Орадан фурсат ўтиб, шаҳар суди бу қарорни бекор қилиб, Ботировни беайб деб хулоса чиқарган. Лекин орадан яна бир неча ой ўтиб, учинчи марта суд бўлган. Бу сафар Ботировнинг «жинояти» ўн бир йиллик қамоқ билан «тақдирланган». Учта ҳакамнинг уч хил муносабатига сабаб нима? Нима учун иккинчиси Ботировни оқлаган? Поранинг кучи биланми? Биринчиси билан учинчисига пора бера олишмаганми? Қиз нима учун судда бошқа, терговда бошқа гапларни айтган? Ботировнинг одамлари қўрқитишганми ё пул бериб сотиб олишганми?

Терговда бир гапни айтиб, судда бошқасини айтиш Зоҳид учун янгилик эмас. Терговда айбини бўйнига олган жиноятчилар судда «Мен айбсизман, уришганлари учун қўрқиб, тилхат бердим», деб без бўлиб туриб олишади. Зоҳид ҳеч ёдидан чиқара олмайди: бир ўғрини жиноят устида ушлаб, иш судга оширилганда у: «Мени азоблаб қийнашганди, мен ўғри эмасман», деб туриб олган эди. Ўзига нисбатан бўлган бу туҳматга Зоҳиднинг чидаши қийин бўлган эди. Орадан йиллар ўтиб, ҳозир эсласа, эти жимирлаб кетаверади. Шу сабабли ҳам Ҳамдам Толиповнинг усулини ёқтирмай, у билан кўп баҳслашарди.

Зоҳид «Иш»ни яна варақлаб, қизиқиши орта борди. Сўнг Ботировни шаҳар қамоқхонасига кўчириш, қизни ва бошқа гувоҳларни терговга чақириш хусусида керакли ҳужжатларни тайёрлашга киришди. Лозим қоғозлар тахт бўлганида шом қоронғуси чўка бошлаган эди.

Икки кундан сўнг унинг хонасига ҳали йигирмага тўлмаган қиз билан ёши элликдан ошган, одми кийинган, қотмадан келган аёл кириб келди. Зоҳид тергов бошлаш учун қоғоз-қаламларини тайёрлаётган дамда қизга зимдан разм солди. Шўхлиги, ўйинқароқлиги билиниб турибди. Аммо кўз қарашларида бузуқлик аломати сезилмайди. Суннатуллаевга осилган хонимчадай ғаркўз эмас.
— Хола, илтимос, сиз ташқарига чиқиб туринг. Аввал қизингиз билан гаплашиб олай.

Зоҳид мулойимлик билан мурожаат этган бўлса-да, аёл зардали овоз билан жавоб қайтарди:
— Нима гапингиз бўлса менинг олдимда сўранг. Сизларни биламан, сиртмоқни айлантириб келиб қизгинамнинг бўйнига ташлайсизлар. Уч йилдан бери ҳали у ёққа судраб, ҳали бу ёққа судраб, қизим шўрликни жинни қилиб юборай дедингизлар.
— Агар мендан гумонсираётган бўлсангиз, марҳамат, адвокат ёлланг, адвокат иштирокида сўроқ қилай.
— Адвокатингизга тўлайдиган пулим йўқ, — деди аёл зардали овозига яна куч бериб. — Адвокатингиз нима-ю сиз нимасиз... — аёл «бир гўрсизлар», демоқчи бўлди-ю, тилини тийди. Зоҳид унинг фикрини уқиб:
— Оқ ит, қора ит — барибир итми? — деди пичинг билан.
— Унақа демоқчимасман.
— Сиз мени биринчи марта кўриб турибсиз. Бу «Иш»ни мен кавлаб чиқарганим йўқ. Қизингиз суд ноҳақ, прокурор ноҳақ, деб катта идораларга арз қилибдилар.
— Ҳа, арз қилди. Жиноятни қилганлар айшини суриб юришибди. Сиз бир шўрликни қамаб, адолат бўлди, деб керилиб юрибсиз.
— Уни мен қамаганим йўқ шекилли?
— Сиз бўлмасангиз бошқаси. Мен сиз деб идорангизни айтяпман, — деди аёл сўзига аниқлик киритиб.
— Менинг идорам ҳам қамамайди. Сиз жиноятчиларнинг айшини суриб юрганларини қаердан биласиз?
— Қизимнинг ўзи кўрган уларни. Кўчада кўрган. Бир шўрлик бояқишнинг қамалиб ётишига менинг виждоним чидамайди.
— Қизингизни ариза ёзишга сиз ундадингизми?
— Қизим аҳмоқ эмас, унда ҳам виждон бор. Сиздақаларда... — Аёл гап келганда отасини аямайдиган тоифадан эди. Хонага кирганида «бу бола ғиди-биди деса бир боплай», деб кўнглига туккан эди. Зоҳиднинг мулойим муомаласи уни шаштидан қайтарди.
— Биздақаларда виждон йўқми? — деди Зоҳид, унинг чала қолган гапини давом эттириб.
— Унақа демоқчимасман... Ўзингиз ўйлаб кўринг: қизим билан катта идорага бордик. Адолат қилинг, бир бояқишнинг умри завол топмасин, дедик. Гапларимизни эшакка айтсак тушунарди, у одам тушунмади. Қизим шунда «агар адолат қилмасангиз ўзимни ёқаман», деди. У тўнка нима деб жавоб қилганини биласизми?
— Сиз айтсангиз биламан.
— У тўнка, қизимга гугуртини узатди. «Манг, ёқсангиз ёқинг», деди балогинага учрагур. Кейин менга «Сиз чиқиб туринг», деди. Мен меров бўлмасам чиқармидим? Чиқдим. Инсофга киргандир, десам у қирчинингдан қийилгур қизимга «Кечроқ келинг, сизни зўр жойга ишга киритиб қўяман», дебди. Ҳе, идоранг бошингдан ордона қолсин-а...
— Холажон, бу гапларни қўйинг. Менинг ишим бошқа. Майли, менга ишонмасангиз ўтираверинг, — Зоҳид шундай деб бир оз сукут сақлагач, қизга қаради:— Нуриддинова, бўлган воқеани бир бошдан айтиб беринг.
— Анави қоғозларингизда бор-ку ҳамма гап? — деди аёл.
— Мен ўзларидан эшитмоқчиман. Сиз аралашмай ўтиринг.

Қиз хўрсиниб қўйди. Орадан йиллар ўтган бўлса-да, унга ўша шармандали воқеани эслаш оғир эди. Ўша воқеадан сўнг ёпиғлиқ қозон ёпиғлигича қолса майли эди. Ўшандан бери бу ҳолатни неча марта баён этди. Йигитнинг ширин сўзларига учиб, ўсмирликнинг бевош сурурига банди бўлиб, ўша машинага чиқмаганида, дугонасига қўшилиб уйига кетаверганида, ўша иморат ичига кирмаганида бу машмашалар йўқ эди. Иморат сари юраётганида ақл кўзи кўр эди. Биринчи йигит билан роҳат баҳрида сузаётганида ҳам ожиз эди. Бу ақл кўзи қурғур анча кеч очилди. Билмайин босилган тиконнинг азобларини билганида эди бевошлик кўчасига қадам қўймаган бўларми эди...

Зоҳид унинг қийналаётганини сезиб, далда бериш мақсадида:
— Демак, 1986 йил, 21 декабр, — деб қоғозга шу санани ёзди.
— Адамларни кўргани касалхонага борувдик...
— Соат нечада? Ким билан борувдингиз?
— Соат тўртларда... Дугонам Шаҳло деган қиз билан... Кўчада тўртта йигит турган экан. Мошинада айлантириб келамиз, дейишди. Шаҳло уйига кетди. Мен чиқдим.
— Машина кимники эди?
— Билмадим.
— Такси эди, — деди аёл аниқлик киритиб.
— Хола, сиз аралашмай туринг, — деди Зоҳид унга танбеҳ бериб. — Демак, машина кимники эди?
— Такси эди...
— Таксилигини қаердан билдингиз?
— Ҳалиги... анақаси бор эди.
— Нимаси?
— Кўк чироғи... Кейин томида ҳам белгиси бор эди.
— Ўша машинада анҳор бўйидаги иморатга бордингларми? Биринчи бўлиб сизга ким яқинлашди? Ботировми?
— Вой, у бола бўлмаган, — деди аёл.
— Хола, сиз менга халақит беряпсиз. Чиқиб туринг, — деди Зоҳид қатъий тарзда. Кейин фикри қатъийлигини англатиш учун ўрнидан туриб, эшикни очди. Аёл энди баланд келолмаслигини фаҳмлаб, аста ўрнидан турди. Туриш жараёнида қизининг елкасини чимчилади.
— Овсармисан, мунча лалаясан? — У эшик остонасига етганида Зоҳидга эшитиларли тарзда минғирлади: — Терговларинг ҳам ордона қолсин. Мени адойи тамом қиласанлар ҳали. Тўрттагина гўрсўхтани ушлаб қамаш қўлларингдан келмаса, нималарингга кериласанлар?!

Зоҳид жойига ўтиргач, сўроқни давом эттира олмади.

Сўроқни якунлаб, қиз чиқиб кетганидан сўнг ҳам анча пайтгача қўли ишга бормади. «Менга қолса, — деб ўйлади у, — Ботиров бу ишга аралашган бўлса ҳам қамамас эдим. «Зўрлаш»... деймиз. Бу қанақасига зўрлаш бўлсин? Битмаган иморатга ўз оёғи билан юриб борган. Биров уни судрамаган. Қўл-оёқларини ушлаб турмаган ҳеч ким. У дод солиб ёрдамга чақирмаган. Нимаси зўрлаш бунинг? «Номусга тегиш»... деймиз. Ўша иморатга киргунича номуси бўлганми ўзи? Зоҳид буни ҳам сўради қиздан. Қиз ўшангача ҳеч ким билан яқин бўлмаганини айтди. Лекин Зоҳид бу гапга унча ишонмади. Бу роҳатни аввал тотиб кўрмаган қизнинг овлоқ жойга индамай кириб бориши мумкин эмасдай туюлди унга.

4

Ботировнинг «Иш»и баҳона бўлиб, Зоҳид вужудига эгалик қилаётган бекорчи хаёллардан қутула борди. Назарида айнан шу «Иш» туфайли адолат манзилига етиб борадигандай эди. У ҳали «Ботиров — гуноҳсиз» деган фикрдан узоқ. Бироқ, кўп масалаларнинг ҳуқуқ чегарасидан нарида ҳал этилгани уни ажаблантирарди. Зоҳид муаммоларнинг чигал ипларини ечишга уринаётган дамларида унинг арзномасига рад жавоби берилди — Суннатуллаев «Иш»и расман ёпилди. Саид Қодиров бундан хабардор қилиб қўйгани учун Зоҳид кўкка сапчимади. Бу «янгилик»ни ювош бола каби хотиржам тарзда қабул қилди. Шу воқеанинг эртасига уни Саид Қодиров йўқлади.

Зоҳид йўқловдан мақсад яна Суннатуллаев иши бўлса керак, деб ўйлаб, гапни шу масаладан бошлади. Муовин аёлга учрашгани, бошлиғининг қўнғироқ қилганини... айтиб берди. Саид Қодиров бу гапларни руҳсиз ҳолда эшитди. Зоҳид буни сезиб гапини қисқа қилди.
— Бу энди сиз билан мен учун ўтмиш. Лекин уни кераксиз матохдай кўчага улоқтирманг. Тахмонга кўрпача тахлагандай тахлаб қўйинг. — деди Саид Қодиров. — Вақти келади ҳали, ўшанда олиб ишлатасиз. Сиз бир янгиликни эшитдингизми-йўқми, шуни билиш учун йўқладим.
— Қанақа янгилик?
— Ҳосилбойваччанинг йўқолганидан хабарингиз борми?
— Ҳосилбойвачча? Қанақасига йўқоларкан?
— Шунақа... изсиз йўқолган.
— Қизиқ... Шундай одам ҳам изсиз йўқоларканми? Шотирлари-чи? Тирикми ҳаммаси?
— Тирик.

Зоҳид Саид Қодировнинг кўзларига қаради. Бу кўзларда зоҳир бўлган қувлик унинг Ҳосилбойвачча тақдиридан воқиф эканини сездириб қўйди. «Мени синамоқчими? «Ўйлаб кўр-чи, фаҳминг нимага етар экан?» демоқчими? Бу жумбоқнинг нимаси оғир экан? Шотирлари тирик. Ўзи эса йўқ... Демак...»
— Демак, бир-бирларини қиришни бошлабдилар-да? — деди Зоҳид ундан кўзларини узмаган ҳолда.
— Шунақага ўхшайди. Мендаги маълумотларга қараганда Ҳосилбойвачча ўлдирилган. Асадбекнинг эски шаҳардаги уйида ўлдирилган.
— Маълумот?... — Зоҳид «кимнинг маълумоти?» деб сўрамоқчи бўлди-ю бундай савол жавобсиз қолмоғи мумкинлигини англаб, гапни бурди: — Маълумотга ишонса бўладими?
— Маълумот аниқ. Ҳовлида икки киши отилган. Биттаси Асадбекнинг куёви. У ҳозир касалхонада. Кўчада кетаётганида номаълум шахслар аллақандай машинада яқинлашиб, отишганмиш. Жабрланувчининг машинаси кўчада турибди. Аммо бир томчи қон йўқ унда. Врачларнинг хулосасига қараганда эса у кўп қон йўқотган. Вақтида улгуриб қон қуйишмаганида ўлиб қолиши ҳеч гап эмас экан. Мана, экспертиза хулосаси, — у шундай дегач қоғозлар орасидан кераклисини танлаб, Зоҳидга узатди. Унда ўқнинг йўналишини аниқлаган экспертнинг хулосаси ёзилган эди. Унга кўра, ўқ рўпарадан отилган. Агар жабрланувчи машинасида ўтирган бўлса рўпарадан ўқ ейиши мутлақо мумкин эмас. Ўқ биқингами, чаккагами, боринг, ана ўгирилиб қараган тақдирда пешанасигами санчилиши мумкин. Лекин рўпарадан?.. Сира мумкин эмас. Агар машина пешайнаси синдириб отилган бўлса?..

Зоҳид бу бошқотирмадан ажабланиб, иягини қашиган ҳолда суҳбатдошига қаради. Саид Қодиров унинг хаёлига келган саволни уққандай гапини давом эттирди:
— Машина бус-бутун, бирон ери ҳам тирналмаган. Маълумотга қараганда жабрланувчи бир неча ҳафта илгари «Мен уларнинг қўйнига илон бўлиб кириб, битта-битта чақиб ўлдираман», деган экан. «Улар» дегани ким, биласизми?
— Ҳосилбойваччами? Ё... Асадбекми?
— Асадбек бўлса эҳтимол... Аммо, нима учун чақиб ўлдирмоқчи эди? — Саид Қодиров жавоб кутмай яна бир савол тоғини кўндаланг қилди: — Ҳосилбойваччанинг мурдаси қаерга кўмилган? Қаерга кўмишган бўлишлари мумкин?

Зоҳид Саид Қодировнинг Элчин ҳақидаги гапларини эшитиб, дафъатан Анвар билан бўлган учрашувни, «Суннатуллаевнинг ўлимини Элчиндан кўрманг», деган гапини эслаб «у чақишга улгурдими ё энди чақмоқчи эдими?» деб ўйлади. Аммо бу ҳақдаги фикрини Саид Қодировга билдирмади. Саид Қодиров жавоб кутар эди. Зоҳид унга қараб, жавоб ўрнига елка қисиб қўя қолди.
— Мурдани топиш керак.
— Агар майдалаб ёқиб юборишмаган бўлса, топса бўлар.
— У ҳолда кулини бўлса ҳам топиш керак!

VII боб

1

Ўлимнинг муздек лабига лабини тутаётган, ўлимнинг димоғидан уфураётган совуқ нафасдан эти сесканаётган Зайнабни телефон жиринги қўрқитиб юборди. Ундан бўса олмоқни, бўса нима экан, жон олмоқни ихтиёр этган ўлим фариштаси ҳам чўчиб, ғойиб бўлди. Унинг узоқлашишини истамаган Зайнаб телефон гўшагини кўтармай пича кутди. Телефон қўнғироғи тўхтовсиз жиринглайверди, ўлимнинг нафаси эса узоқлашаверди.

У сиртмоқни бир қўлига олиб, иккинчиси билан гўшакни кўтарди. Гўшак оғир тош каби туюлди — қулоғига аранг олиб бориб «лаббай» демоқчи эди, тили айланмади — гўё ўлим бўса олаётган дамда тилини музга айлантириб қўйгандек эди.
— Алё, алё, Зайнаб! Зайнаб!!

Онасининг майин овози совуй бошлаган баданига илиқлик бахш этди. Жамшиднинг ўлимини эшитиб ўзини осган дамда ҳам шу овоз унга жонини қайтарган эди. Бу нима ўзи? Мўъжизами ё туш кўряптими, ё алаҳсираяптими?.. Онасининг овози унинг музлаган тилини ҳам эритди. Беихтиёр:
— Ойижон! — деди-ю, бутун вужудига титроқ югурди.

Дунёда тўсиқни билмайдиган нима бор, деб сўралса ҳеч иккиланмай «она қалби» деб жавоб бериш мумкин. На масофа, на вақт она қалбига ўз ҳукмини ўтказа олади. Мана ҳозир ҳам Манзуранинг безовта қалби қизининг ҳузурига етиб кела олди. Зайнабнинг биргина хитоби — «Ойижон!» дейишининг ўзиёқ аҳволини онасига ошкор этди.
— Зайнаб, жон болам, соғлиғинг яхшими, сенга нима бўлди?
— Ойижон... — Зайнаб нима дейишини билмай, каловланди. Ҳатто «яхши етиб олдингизми?» деган гап ҳам хаёлига келмади. Ўзи учун ҳам кутилмаганда, ўзи ҳам истамаган ҳолда кўкрак қафасида бир фарёд уйғониб, юқорига интилди. Бўғзига етганда эса тўхтаб, уни энтиктирди.
— Зайнаб, гапларимни эшитяпсанми, нимага индамаяпсан?
— Яхшиман, — деди Зайнаб титроқ овозда.
— Тобинг йўқми, нимага овозинг ўзгариб турибди?
— Шамоллабман...
— Ўзингга қара, жон болам, ётишдан олдин сут қайнатиб ич.
— Хўп.
— Аданглар яхшимилар, йўталлари қолай дедими?
— Яхшилар.
— Бугун бордингми, хабар олдингми?

Зайнаб жавоб бера олмади. Отасини кўрганини, қай аҳволда юзлашганини қандай айта оларди?
— Адангларни бугун кўрдингми?
— Кўрдим...
— Эринг яхши юрибдими? Уйда йўқми яна?
— Йўқлар.
— Мен яхши етиб келдим. Акаларинг билан гаплашасанми?
— Майли...

Зайнаб акалари билан ҳам шу тарзда гаплашди.

Шармандалик балчиғидан халос бўлмаган, бир қўлида сиртмоқни маҳкам чангаллаб турган

жувон жигаргўшалари билан нима ҳақда гаплашсин?

Абдулҳамид гўшакни онасига узата туриб:
— Кайфияти чатоқроқми, гаплашгиси ҳам келмади, — деб қўйди.

Манзура яна қайта-қайта ҳол-аҳвол сўрагач, гапни бас қилди-да, ўғилларига маъюс боқди:
— Касал бўлиб қолганга ўхшайди... Боласи нобуд бўлганидан бери эзилиб кетди...

Манзура бу гапни беихтиёр равишда айтди. «Эринг яхшими, уйда йўқми?» деган гапидан бери ўғилларининг ажабланиб ўтиришганини сезмади. Унинг хаёли қизи билан банд, ўғилларининг уйдаги воқеалардан бехабар эканликларини унутган эди. Онасининг маъюс чеҳрасида ғам баҳрининг мавжларини кўрган Абдулҳамид:
— Зайнабни... қачон узатдинглар? — деб сўради.

Бу савол Манзуранинг хаёлини қизи бағридан юлиб олиб, ўғиллари ҳузурига қайтарди.
— Ҳали бир йил бўлгани йўқ...
— Бизга нима учун айтмадинглар? — деди Абдусамад ранжиганини яширмай.
— Дадангни биласан-ку, ўқишларидан хаёллари чалғимасин, дедилар.
— Куёв ким, биз таниймизми? — деб сўради Абдулҳамид.
— Билмадим, танирмикансан? — Манзура куёвининг номини айтишга қийналди. — Ашулачи йигит экан... Элчин...
— Элчин? — Абдусамад ўрнидан туриб кетди. — Қамалиб кетган отарчими? Ойи, Зайнабни кимга берганингизни биласизми?
— Биламан, жон болам, биламан. Тақдир экан-да... Адангнинг феъли ўзингга маълум-ку?
— Адам... Зайнаб-чи, Зайнабнинг ўзи кўндими?
— Кўнмаса... тегармиди?..

Абдусамад отасига ўхшаш — баъзан сал нарсага тутаб кетади. Абдулҳамид эса онасига тортган. Мулоҳаза билан иш юритади. У онасини қийнаётган, бировга, ҳатто ўз ўғилларига ҳам айта олмайдиган дарди борлигини сезди. Шу сабабли тутай бошлаган акасига қараб лабини тишлаганича бошини сарак-сарак қилиб қўйди. Абдусамад укасининг мақсадини англаб, бошини эгиб ўтирган онасининг елкасидан қучди.
— Ойижон, юринг, боғни айланиб келамиз.

Манзура истар-истамас ўрнидан турди.
— Маҳмуд акангга тилпон қилсак бўларкан. Ўзими, хотиними хабар олиб турса бўларди.
— Ҳамид, сен буюртма бериб кутиб ўтир, биз айланиб келамиз.

2

Абдусамад ҳовлига чиққач, онасини қўлтиқлади. Манзурага бу ғалати туюлиб, ўғлига қараб олди. Бу ҳолда сира юрмагани учун худди ўғли судраётгандай туюлиб, қадам олиши қийинлашди. Абдусамаднинг йўл-йўлакай боғ таърифини қилишидан билдики, ўғли бу ерларда тез-тез бўлиб туради. Рўпарадан чиқиб қолган боғ хизматчиларининг таъзим бажо келтириши ҳам унинг бу ердаги мавқеидан дарак берди.

. Хизматчилар Абдусамадни хўжайиннинг меҳмони сифатида иззат қилишармиди ёинки бу хонадоннинг бўлажак куёви, таъбир жоиз бўлса, валлоҳи аълам, бўлажак ҳожаси сифатида эҳтиром этишармиди — Манзурага қоронғи эди. У ўзича «ўғлимнинг бу жойга куёв бўлишини хизматчилар ҳам билишар экан-да», деб бир қувонди, айни чоқда «ўғлим шу ерларда қолиб кетса-я» деган хавотири уйғониб, ташвишланди.

Бундай хонадонга ўғлининг куёв бўлишини қайси она истамайди? Бундайин сарой, бунчалар мол-мулк... Ҳар қадамда хизматчиларнинг таъзим қилиб туриши... Хон куёвигагина насиб этувчи мартаба... Бу — она орзусининг ушалишими? Бахтми?

Кимларгадир бахт бўлиб туюлиши мумкин. «Ўғлим қаерда юрса ҳам боши омон бўлса бас», деб шукр қилувчилар бор. Аммо йўғида сабр қилиб умр кечирган, борида талтайиб яшамаган Манзура учун бу бахт эмас. Хорижда яшайдиган қизларни келин қилиши лозимлигини билганидан бери у ташвиш баҳрида сарсари сузади. «Қизил оёқ келиб, қизил юздан жудо қилди», деганларидек, икки келин икки ўғлини бағридан юлиб олажагини ўйласа, вужуди музлаб кетади.

Асадбек қиморга кетиб, ўзи жойнамоз устида ўтириб Оллоҳга муножот этиб тонг оттирган кезлари эрига инсоф сўраган экан-у, фарзандларим улғайишганида бағримдан юлиб олма, демаган экан... Агар ҳозир ғойибдан овоз келиб, «Ўғилларингнинг мол-дунё денгизида чўмилиб яшаганлари дурустми ё бир бурда нонга қаноат қилиб бағрингда умр кечирганлари яхшими» деб сўраса, у шак-шубҳасиз, иккинчисини танлаган бўларди. Манзура кўр эмас, кар ҳам эмас, дунёнинг одам зотига вафо қилмаслигини кўриб, эшитиб турибди.

Ёнида бораётган ўғли тилида боғ таърифини қилади. Дилида эса бошқа гап. Онанинг сезгир қалби буни сезади. Ўғли «Қизлар сизга ёқдими?» деб сўрамоқчи бўлади. Лекин йигитлик ғурури бу саволнинг тилга кўчишига йўл қўймайди. Ота билан ўғил орасида ҳаё пардаси бўлгувчи эди. Ҳар қандай ўғил кўп ҳолларда отага айтмоқчи бўлган дардини она орқали етказарди. Ҳаттоки маълум дамларда ўғилнинг сирдоши ота эмас, айнан она бўлиши ҳам ҳеч кимга сир эмасдир. Асадбек ўғилларини ўз юмушларидан узоқроқ тутишга ҳаракат қилиб, фарзандларининг руҳий оламидан анча йироқлашганини ўзи ҳам сезмай қолган эди. Барча оиладагилар каби бу хонадон ўғиллари онага яқин бўлсалар-да, Абдусамад ҳозир арзимас туюлган саволни онасига беролмай қийналарди. Манзура ўғлини бу қийноқдан қутқариш учун ўзи муддаога яқинлашмоқчи бўлди:
— Қизлар билан... бирга ўқийсизларми?
— Йўқ... Улар ҳам ўқишади, лекин бошқа соҳада. Бизга доктор Худоёр устозлар. Биофизикадан...
— Буни биламан.
— Бизни доктор Худоёр таништирганлар.
— Бойлигига учдингларми?

Манзура «отанг ҳам камбағал эмас эди-ку?» деган оҳангда гапирди. Абдусамад бу оҳангни сезиб, ерга қаради.
— Ойи... улар яхши қизлар... Ҳали гаплашиб кўрасиз...
— Мен ёмон деяётганим йўқ... Попукдаккина экан икковиям... Лекин... шу ерда қолиб кетасанларми, деб жоним ҳалак, болам. Мен... айрилиққа чидай олмасам керак...

Абдусамад йиғламсирай бошлаган онасини елкасидан қучди.
— Бундан хавотирланманг, айрилиқ бўлмайди, ойи. Қизларнинг ота-онаси бизни бу ерда олиб қолмоқчи эмас. Уларнинг мақсади қизларини Ватанга узатиш. Шу йўл билан Ватанга қайтиш.
— Қизларини узатиб, ўзлари ёлғиз қолишадими?
— Ойи, ҳали уларнинг гапларини тушундингизми? Уларда ҳамма нарса бор. Фақат Ватанлари йўқ. Ватансиз яшаш улар учун жуда оғир. Биз буни тушуна олмаймиз. Ватан дейилса улар қизлар тугул жонларини ҳам бериб юборишга тайёрлар. «Биз Ватан ҳажрида куйиб ўтяпмиз, фарзандларимиз куймасин», дейишади. Агар тарозининг бир палласига фарзандларидан айрилиш азоби, бошқа палласига Ватан ҳажри дарди қўйилса, дард босиб кетади. Улар шунақа одамлар. Биз ўқишни тугатиш билан қайтамиз.
— Худо ўша кунга етказсин, ишқилиб. Лекин... даданглар нимагадир қайтишга шошилманглар, дегандай бўлдилар.
— Нима учун?
— Билмадим, болам... балки ўзлари ҳам шу ёқларга келиб яшамоқчидирлар. Ишларини биласан-ку... У ёқлар нотинчми, дейман?

Манзура эрининг мақсадини аниқ англамаган эди, шу боис мавҳумроқ оҳангда айтди. Онасидан эшитган янгилик ўғил учун кутилмаган эди. Бунда Саид Музаффархоннинг нияти бошқа, унда Асадбекнинг умиди бўлак бўлса?! Бири Ватанга интилса, иккинчиси эса қочмоқ, йироқлашмоқ илинжида... Самодаги қора булут парчаларининг бири манфий, иккинчиси мусбат қувватга эга бўлса, яқинлашмоқ онларида чақин чақнайди, олам остин-устун бўлгандай туюлади. Шу хаёлга бориб, Абдусамаднинг юраги увишди. Ўзига-ўзи тасалли бериш мақсадида:
— Ойи, сиз нотўғри тушунгандирсиз? — деди.

Манзура ўғлидаги ўзгаришни сезиб, хатосини тўғриламоқчи бўлди:
— Ҳа, болам, хато тушунгандирман. Адангларни биласан-ку, очиқ-сочиқ гапирмайдилар. Бу ёққа келишлари... Йўқ, келмайдилар. Эски ҳовлиларини соғиниб турадилар-ку... Бу ёқларга бутунлай келармидилар... Йўқ, келмайдилар.

Чиндан ҳам Манзура Асадбекни нотўғри тушунган эди. «Мен ўғилларингнинг ўша ерда ўқиб, ўша ерда ишлашларини хоҳлаяпман», деганида ўзининг ҳам кўчиб боришини назарда тутмаган эди. Гарчи ўша суҳбатда Асадбек уч-тўрт йилда қайтишади, дея гапини юмшатган бўлса-да, Манзурага эгалик қилган хавотир исканжаси бўшашмаган эди. Чувринди кузатаётганда «Тилла тақинчоқларни кўпроқ олаверинг, балки ўша ерда асқотар, балки уч-тўрт ой ўша ерда қоларсиз», деганида эри айтган «уч-тўрт йил»ни эслаб чўчиб тушди. «Зайнабни кейинроқ юборамиз», девдилар. Секин-секин ҳаммамиз кўчиб ўтарканмиз шекилли» деб ҳам ўйлади. Тўғри, кейинги пайтларда Асадбек оиласининг ўша томонларда яшашини истаб қолди. Лекин ўзининг ҳам кетиши сира режасида бўлмаган. Айниқса, хасталиги аниқ бўлиб, Ҳосилбойвачча қилиқларини бошлаган дамда кетишни ўйлаши мумкин ҳам эмасди. Унинг бирдан-бир нияти — оиласининг тинчи ва фаровонлиги эди. Бу нияти Манзурага, алҳол ўғлига-да қоронғу эди.

3

Манзура толиққан бўлишига қарамай тунда ухлай олмади. Юмшоқ ўрин унга тиконзор каби туюлди. Оиласидан илк карра узоқ кетгани учун қалби нотинч эди. Безовта юрак юртидаги нохушликларни сезиб, вужудини беҳолгина титратиб турарди. Шу азобдан қийналган Манзурага бу шаҳарнинг туни беҳад узундай туюлди. Уй исиб кетиб, нафас олишга арзирли ҳаво қолмагандай бўлди. Ўрнидан туриб, пешайвонга чиқадиган эшикни очди. Юзига салқин шабада урилиб, ором олди. Ташқарида майдалаб ёмғир ёға бошлаган, саноқсиз чироқлар ёруғида боғ тўлин ой нурига чўмилгандай сўлимлик кашф этган эди. Аммо бу сўлимлик унинг кайфиятини яхшилашга қодир эмас эди. Бу олам аро тунни бедор ўтказган фақатгина Манзура эмас. Неча минг, балки неча юз минг, балки ундан-да кўп одам — хаста ҳам, тани соғ ҳам, подшо ҳам, гадо ҳам; бахтли ҳам, бахтсиз ҳам; қайғули ҳам, қайғусиз ҳам... тунни бедор ўтказади. Ҳеч ким ўша туннинг ўзида, қаердадир бир жигарбанди ҳам қалб титроғида эканини билмайди. Алҳол Манзура ҳам юртида эри билан қизининг тунни уйқусиз ўтказишганидан бехабар эди.

Нонуштадан сўнг ўғиллари шаҳар айланажакларини маълум қилдилар. Манзуранинг сайру саёҳатга хоҳиши ҳам, ҳоли ҳам йўқ эди. Шунга қарамай, ўғилларининг шаштини қайтармаслик учун отланди.

Ўғиллари шаҳар кўчалари, айрим иморатлар ҳақида гапиришар, Манзура эса уларнинг завқини баҳам кўра олмас эди. Юраги нима сабабдан ғашланаётганини ҳатто ўзи ҳам билмасди. Баъзан хаёлини шаҳар манзараларига банд этиб чалғимоқчи бўларди. Бу каби шаҳарларни у телевизорда кўрган, мухбирлар «чириган капитализм» деб буларни танқид қилишарди. Манзура сайр чоғида шаҳарда чирик иморатларни кўрмади. Тўғри, сиёсат оламига у бегона аёл эди. Капитализмнинг чиригани қанақа бўлади, чиримагани қандай — билмасди. Билиш учун ҳаракат ҳам қилмасди, ўйламасди ҳам. Ҳозир, икки ўғли икки қанотида шаҳар боғини сайр қилаётган чоғида «Шундай яхши жойларни нима учун ёмонлашади?» деб ўйлаб қўйди. Унинг сиёсатга муносабати шу ўй билан чекланди.

Манзуранинг руҳидаги синиқликни ўғиллари сезишди. Бу ҳолни улар чарчоқ оқибати деб ўйлаб сайрни узоқ давом эттиришмади. Виллага қайтишгач, учовлари ошхонага кирдилар. Абдулҳамид ошпаз аёлга палов пишириш ниятлари борлигини маълум қилди. Бу хонадонда тез-тез паловхўрлик бўлгани сабабли немис аёли ҳам ош пиширишни биларди. Шу сабабли чаққонлик билан масаллиқни тайёрлаб берди. Манзура ошга уннамоқчи эди, ўғиллари йўл қўйишмади.
— Бизнинг қўлимиздан бир паловхонтўра енг, — дейишди.

Бекорчиликка ўрганмаган Манзура ўғилларининг қаршилигига қарамай, сабзи тўғраб берди.

Ошни пишириб, еб бўлишгач, Абдусамад шаҳарда зарур иши борлигини айтиб, онасидан узр сўради. Манзура ўғиллари хулқида ўзгариш мавжудлигини яна бир карра сезди. Ўз уйларида эканида ўғли бирон ерга бормоқни ихтиёр этса «Ойи, кетяпман», деб қўярди. Ҳозиргидай лутф қилиб ўтирмасди.

Оқшомга яқин виллага Музаффархон билан Гулузор бегим келишди. Кейинроқ доктор Худоёр ҳам ташриф буюрди. То у келгунига қадар гап-гапга қовушмади. Ёшларнинг тақдири хусусида сўз очишга у томон ҳам, бу томон ҳам журъат эта олмади. Доктор Худоёрда юзхотирчиликнинг йўқлиги шу замонда иш берди. У хизматчи келтирган қаҳвадан уч-тўрт хўплагач, Манзурага юзланди:
— Қалбимдасиз, хоним афандим, сиз муҳтарама зоти олияларига бизим қизларимиз ёқдими экан?

Тўсатдан берилган бу савол Манзурани гангитиб қўйди. Кўзини ерга қадаганича жавобга тараддудланди. Уни бу ноқулай аҳволдан доктор Худоёрнинг ўзи қутқарди:
— Бир кўришда хулоса билдирмоғингиз чўх мушкулдир, буни-да англаюрмиз. Аммо инонингким, бу ўлкаларда бундайин фозила қизлар бошқа йўқтур. Агарчи менинг-да икки ўғлим бўлганида эди, Саид Музаффархонни тинч қўймаган бўлурдим. Аммо билмоғингиз керакким, хоним афандим, сизнинг оқил ўғилларингиз менинг учун ўз фарзанду аржумандларим каби қадрлидурлар.

Бекорчиликка ўрганмаган Манзура ўғилларининг қаршилигига қарамай, сабзи тўғраб берди.

Ошни пишириб, еб бўлишгач, Абдусамад шаҳарда зарур иши борлигини айтиб, онасидан узр сўради. Манзура ўғиллари хулқида ўзгариш мавжудлигини яна бир карра сезди. Ўз уйларида эканида ўғли бирон ерга бормоқни ихтиёр этса «Ойи, кетяпман», деб қўярди. Ҳозиргидай лутф қилиб ўтирмасди.

Оқшомга яқин виллага Музаффархон билан Гулузор бегим келишди. Кейинроқ доктор Худоёр ҳам ташриф буюрди. То у келгунига қадар гап-гапга қовушмади. Ёшларнинг тақдири хусусида сўз очишга у томон ҳам, бу томон ҳам журъат эта олмади. Доктор Худоёрда юзхотирчиликнинг йўқлиги шу замонда иш берди. У хизматчи келтирган қаҳвадан уч-тўрт хўплагач, Манзурага юзланди:
— Қалбимдасиз, хоним афандим, сиз муҳтарама зоти олияларига бизим қизларимиз ёқдими экан?

Тўсатдан берилган бу савол Манзурани гангитиб қўйди. Кўзини ерга қадаганича жавобга тараддудланди. Уни бу ноқулай аҳволдан доктор Худоёрнинг ўзи қутқарди:
— Бир кўришда хулоса билдирмоғингиз чўх мушкулдир, буни-да англаюрмиз. Аммо инонингким, бу ўлкаларда бундайин фозила қизлар бошқа йўқтур. Агарчи менинг-да икки ўғлим бўлганида эди, Саид Музаффархонни тинч қўймаган бўлурдим. Аммо билмоғингиз керакким, хоним афандим, сизнинг оқил ўғилларингиз менинг учун ўз фарзанду аржумандларим каби қадрлидурлар.

Уларнинг бурага таҳсил учун келмоқлари Оллоҳнинг хоҳиши иладир, сўнгра мен улар билан танишдим, мошаоллоҳ! Биз умид қилаётган никоҳни ҳам Оллоҳ насиб этгандур, иншооллоҳ! Хоним афандим, сизга биз айтаётган сўзлар ғалат туюлгуси, буни-да англаюрмиз. Сиз қизларимиз ила суҳбат қурсангиз нур алан-нур бўлур эди. Аммо, афсус шуки, қизларимиз сиздан уяляптилар. Фикри ожизимча, бу ҳам уларнинг бир ажиб фазилатларидур. Саид Музаффархон жанобим, қалбимдасиз, сиз айтинг энди.
— Оллоҳдан умидим бисёрдир, — деди соҳиббайт,— агарчи хоним афандим ризолик билдирсалар, аввал нишон тўйини ўтказсак, сўнгра тўйга қадарли фурсат бўлар, қизлар билан суҳбат қурарлар...

Манзура «нишон тўйи» нима эканини тушунмаса ҳам, мезбонларнинг раъйини қайтармаслик учун бош ирғаб қўйди. Тасдиқ ишорасини олган мезбон чеҳраси янада ёришди.
— Хоним афандим нимани ихтиёр этиюрлар: нишон тўйи виллада бўлгани маъқулми, ёинки ресторандами?

Манзура «Бу саволга мен жавоб бера олмайман», дегандай нажот излаб доктор Худоёрга қаради.
— Ресторанни қўйинг, афандим. Ҳаром кўп у ерда. Яхши ният ила қурилажак оила биносининг пойдеворини ҳаром ерда қўймайлик. Шунда, ҳалол луқма ила бошлангани Оллоҳга хуш ёқар. Менга маълумки, афандим, сиз беҳад сахий жаноблардансиз. Нишон тўйига ҳам оз эмас, бирон икки-уч юз меҳмон чорламоқни орзу этажаксиз. Сиз бу орзуларнинг баҳридан ўтинг, жанобим. Йигирма, борингки, ўттиз чоғли кўнгилга яқин инсонлар ташриф буюрсалар, басдир. Тўй ҳам дабдаба ила ўтмасин, десам кўнглингиз ранжимасин. Чунки тўйнинг дабдаба билан ўтиши мутлақо шарт эмасдир, билъакс, ёшларнинг бундан кейинги ҳаётлари дабдаба билан ўтсин, деб Оллоҳдан сўрайлик.

Келишувга шу зайлда якун ясалди. Нишон тўйи яқин кунларга белгиланиб, асосий тўйни Асадбекнинг келишига қараб ўтказадиган бўлишди.

Кечки овқатдан сўнг мезбонлар кетишгач, Манзура Абдулҳамиддан сўради:
— Нишон тўйи дейишди, у нима дегани?
— Уми... — Абдулҳамид кулимсиради, — бизнингча, унаштириш, дегани. Фотиҳа тўйи ҳам дейилади шекилли? Сиз ҳозир нима иш қилиб қўйганингизни биласизми?
— Нима қибман?
— Бизни унаштириб чиқдингиз, — Абдулҳамид шундай деб муғомбирларча кулди. Манзура эса кафтларини юзларига босди:
— Вой ўлмасам!.. Билмай-нетмай, а?..
— Ташвишланманг, ойи. Нишон тўйидан сўнг қизлар билан яхшилаб танишиб оласиз. Ёқмаса, тўй бўлмайди, фотиҳа бузилади. Бунинг ҳеч қўрқинчли жойи йўқ.
— Қўй, ундай дема, совуқ нафас қилма. Мен сенга қизлар ёқмади, демадим-ку? Ўзларингга ёқаётган бўлса, бас-да...

VIII боб

1

Яйдоқ далада турган одамга осмонни қоплаган қоп-қора булутлар айтарли хавфли эмас. Ёмғир ёққудай бўлса, чораси осон — устига ёпинчиқ ташласа кифоя. Ёпинғичи бўлмаса, нари борса, ёмғирда бўкар. Агар нафрат ва алам булути бараварига ёпирилса-чи? Бунинг чораси борми?

Асадбек ўзича чорасини топгандек бўлиб эди. Назарида Ҳосилбойваччага қараб узилган ўқ бу булутларни тарқатиб юборадигандай эди. Ўқ отилди. Жон узилди. Аммо нафрат ва алам булути тарқалмади. Билъакс, янада қуюқлашди. Мурда олиб чиқилиб, ўзи ёлғиз қолгач, бу булут пастлаб, уни бўға бошлади. Уйда ўтира олмай, ҳовлига чиқди. Бу ҳолатга узоқ чидай олмаслигини фаҳмлаб, ҳовлининг ўртасида тик турганича: «Маҳмуд!» деб бақирди. Чувриндининг бу ерда эмаслигини у яхши биларди. Айни чоқда йигитлардан бирининг эшик ёнида шай тургани ҳам маълум эди унга. Чақирувдан сўнг ўтган бир неча сония унга соатдай туюлди. Бетоқатланиб, яна бақирди. Эшик шашт билан очилгач, остонада қотган йигитга бобиллаб берди:
— Ухлаб ўтирибсанми, хунаса! Минг марта чақиришим керакми?!

Йигит чиндан ҳам ухлаб қолиб, улуғ бир айб иш қилиб қўйгандай бош эгди.
— Жалил акангни топиб кел, имиллама!

Булар-ку, имилламайди-я, аммо Жалил деганлари уйидамикин, «Бек акам чақиряптилар», деб боришса, «Аравангни торт, гапи бўлса, ўзи келсин», демасмикин?

Асадбек дўстини шу хавотир билан кутди. Вужудига ҳукм ўтказа бошлаган иситма енгил титроқ уйғотди. У «совуқ таъсир қилди», деб ўйлаб, ичкари кириб, танчага ўтирди. Иссиқ баданига хуш ёқди, бироқ титроқни тўхтатмади. Чироқ нури камон ўқига айланиб, икки қоши ўртасига санчилгандай ғаши келди. Пешонасини силади. Чироқ нури ўқ қадашини кучайтиргандай бўлди. Ўзини мажбурлаб ўрнидан туриб, чироқни ўчирди — ҳаммаёқ зимистонга айланди.

Ҳовли зимистон...

Уй зимистон...

Ҳатто қалби зимистон.

Дунё зимистондан иборат. Дунёда нур йўқ. Ҳамма қоронғулик бағрида тентирайди. Оламнинг кун ва тунга бўлиниши ёлғон, қуёшнинг кўриниши ҳам алдамчи бир ҳолат. Ой ҳам йўқ, юлдузлар ҳам йўқ...

Ўзини зулумот ихтиёрига берган Асадбекнинг назарида шундай эди. Лекин унинг бу фикри чақмоқ умри мисол оз умр кўрди. Кўчадан ўтган қайси бир машинанинг чироғи атрофни ёритиб ўтди. Кейин эса кўзлари қоронғуликка аста кўника борди.

Бир ош дамларли фурсат ўтди ҳамки, Жалилдан дарак бўлмади. Асадбек энди асабийлаша бошлаган вақтда кўчада машина тўхтади. Кўча эшиги очилди. Одам қораси кўринди — икки-уч қадам босиб ҳовлига кирди. Яна тўхтади. Қоронғу бўлса ҳам Асадбек ўртоғини таниди. Таниди-ю, юраги увишди.

1950 йилнинг биринчи январ тонгида ҳам Жалил шундай кириб келган эди. Ўшанда ҳам бир-икки қадам қўйгач, тўхтаб, атрофга аланглаган эди. Унинг бунақа одати ўшанда ҳам йўқ эди. Тўғри уйга кириб келаверарди. Лекин ўшанда... бир нарсадан қўрқибми, тўхтаган эди. Энди-чи, нимадан чўчиди?
— Асад!

Жалил одатда ҳовлига кириши билан шундай деб бақириб қўйиб, уйга қараб юрарди. Ўшанда ҳам, ҳозир ҳам паст овозда, бировни ҳуркитиб қўйишдан қўрққандай аста чақирди. Ўшанда Жалил жавоб кутиб, сўнг яна ўша овозда «Асад», деб қўйган эди. Ўшанда Асадбек ўртоғини кўриб йиғлаб юборай деганди. Ҳозир ҳам йиғлагиси келди. Ўша кезда Жалил жавоб бўлмагач, изига қайтмоқ учун ўгирилганида Асадбек жонҳолатда «Жалил!» деб бақириб ҳовлига отилган эди... Ҳозир эса қимирлашга мажоли бўлмади.
— Асад! — Бу сафар Жалил баландроқ овозда чақирди.
— Жалил! Киравер, уйдаман.

Жалил ичкари кириб, чироқни ёқди. Асадбек ўтирган ҳолича кўришмоқ учун қўл узатди.
— Ие, иситманг бор-ку, — деди Жалил унинг қўлини қўйиб юбормай. — Нима қилиб ўтирибсан, бу зимистонда, тинчликми?
— Тинчлик... сени кўргим келди, оғайни...
— Об-бо, намунча инқиллайсан? Ўликнинг овози ҳам сеникидан яхшироқ чиқади. Кўтар гавдангни, дадил-дадил гапир. Асадбек аммамнинг бузоғига ўхшаб қолибди, деса биров ишонмайди.

Ўртоғининг бу йўнилмаган гаплари ёқиб, жилмайганида йўтал тутди. Жалил унга қараб туриб:
— Ҳали ҳам тузалмабсан-да, укамга чиқиб айтай, сут қайнатиб берсин, — деди.
— Керакмас, — деди Асадбек.
— Шотирларингга айт, дори-пори берсин бўлмаса.
— Ҳозир уйга кетаман, қўявер... Ўзинг бормисан? Ошнам Красноярда касал эди, ўликмикин, тирикмикин, бир хабар олай, демайсан?
— Сен ўзинг думингни тутқазасанми ҳеч? Болохонадаги шотирларинг айтишмадими, неча марта бордим. Бир борганимда Манзура ҳам йўқ экан. Яна бир борсам, Германияга кетибдими? Тинчликми ўзи?
— Ҳа... ўғилларини соғинган-да. — Асадбек тўйдан оғиз очса, гина-ю маломатлар ёғилишини билиб, гапини қисқа қилиб қўя қолди.
— Учта чолни олиб, Қўқонга бориб келдим. Собитхон салом деди сенга.
— Ўзи соғми?
— Анча яхши. Қўлтиқтаёқда юряпти.
— Қўқонга кетяпман, деб айтсанг ўлармидинг?
— Ўзингни кўрмасам, арвоҳингга айтаманми? Нима, бормоқчимидинг?
— Борсам-бормасам, айтсанг мошина тўғирлаб берардим.
— Оббо... Мошин битта сендагина борми? Сенинг мошинанг бўлмайди бунақа ишларга.
— Нега?
— Сеники миннатли. Сен бурнининг тагига соч қўйган қурруқларингдан биттасига буюрасан. У хўп, дейди-ю, аммо ичида минғирлайди. Бизга бунақаси кетмайди. Бизга холис хизмат керак.
— Собитхон билан анча гаплашгандирсан?
— Гаплашдик.
— Оғайнингиз касал бўлса, сал ширинроқ гапиринг, демадими?
— Деди. Сен қанақасан ўзинг, касал бўлсанг касалга ўхшаб ёт. Сен ўзингга ёпишган касалга ҳам қасам ичирворасан. Касалликнинг ҳам ҳурмати бўлади. Иззат қилиб ётсанг, икки-уч кун меҳмон бўлади-ю, кетади. Сенга ўхшаб итни гижгижлагандай оёқда юрса, касал ириллаб, суягини ғажиб ётаверади. Сен энди гапни айлантирма. Иситманг кўтарилгани учун чақиртирмагандирсан мени? Нима дардинг бор, айт.
— Сен сассиқ бир одамсан, сенга гапирган одам барака топмайди-ю, мен дардимни айтайми? Сенга биров ярасини кўрсатса, малҳам қўйиш ўрнига туз босасан.
— Туз ҳам дори, оғайни, бу — бир. Сассиқ бўлсам ҳам кунингга менгина ярайман, бу — икки. Сенинг мендан бошқа дўстинг йўқ, бу — уч.
— Бекор айтибсан.
— Агар шуни билмасанг — ғирт аҳмоқсан! Атро-фингдагилар дўстми сенга? Ҳе, йўқ... улар дўст эмас, улар МАНФААТ. Атрофингдагилар иши битгунича эшакни ҳам тоға деб туришмайдими? Ўша эшакнинг жиянларини ўзингга дўст деб биласанми?

Бу гапларни эшитиб, Асадбек асабийлашди. Уни бу сафар жаҳлини қўзғотган нарса — ҳақиқат эди. Чин дўсти йўқлигини унинг ўзи ҳам биларди. Ўзи билган ҳақиқатни бошқа одам тилидан эшитиш малол келди.
— Ўчирасанми, йўқми?! — деди у овозини баландлатиб.
— Бўпти, ўчирсам ўчирдим. Энди сен гапир.

Асадбек унга олайиб қаради. Бир неча дақиқа бурун кўришни истаётган одам энди уни чақиртирганига пушаймон бўлди.
— Кетавер, гапим йўқ... кўргим келувди.
— Ўзи келди ёр-ёр, ўзи кетди ёр-ёр... Бизнинг иш шу-да. Гапинг бўлмаса кетдим, оғайни. — Жалил фотиҳа ўқиб, ўрнидан турди. Остонага етганида Асадбек уни тўхтатди.
— Қайт, ўтир жойингга, — деди-да, сукутга толди.

Жалил «Қўшнинг ёмон бўлса — кўчиб қутуласан, хотининг ёмон бўлса — қўйиб қутуласан, ошнанг аҳмоқ бўлса — дардингни кимга айтасан?» деб минғирлаганича жойига қайтди. Унинг ўрнидан туриб, кетмоқчи бўлгани шунчаки пўписа эди. Асадбек тўхтатмаган тақдирда ҳам ҳовлига чиқиб, сўнг бир баҳона билан қайтарди. У «ранг кўр, ҳол сўр», деганларидек, ўртоғининг аҳволини билиб турарди, руҳ азобини унча сезмаса-да, тан азобини салқиган мижжа, қуруқ йўталнинг ўзиданоқ ҳис этарди. Бек акасининг йўқловини билдирган йигитдан «акангнинг кайфияти қандай?» деб сўраганида у жавоб ўрнига бошини сарак-сарак қилиб қўйгандаёқ, кўнгли бир нохушликни сезган эди. Агар қоронғуда кириб келмаганида ҳовлидаги инсон қонларини кўрарди. Ана ўшанда ўртоғи билан савол-жавоби бошқача бўларди. У ҳовлига кириб тўхтаган жойида оёғига илинган қонни кўлмакда ҳосил бўлган балчиқ деб ўйлади. Уйга кириб пояфзаллини ечаётганда ҳам қонга кўзи тушмади. Унинг учун бир нарса ойдин — ўртоғининг вужудида хасталик бор. Асадбек дилидаги ярани эса у сезмайди.

Жалил «гапинг бўлса, айт» дегандай ўртоғига тикилиб ўтираверди.
— Тўғри айтдинг, — деди ниҳоят Асадбек, — сассиқ бўлсанг ҳам ўзингдан ўтадигани йўқ... Болаларни кўриб турасанми?
— Қайси болаларни?
— Маҳалладаги... Бахтиёр, Шавкат, Раҳмат, Нусрат...
— Кам кўраман. Ҳамма ўзининг ташвиши билан овора. Биров бировдан гина қиладиган замон эмас. Анавинда Шоқосимни кўрувдим. Белдан олибди. Тўқсон яшар чолдай гажак бўлиб юрибди.
— Футбол ўйнаганимизда зўр эди, а? Эсингдами қўли сингани?
— Эсимда... сен йиқитиб синдирувдинг.
— Мен атай йиқитибманми, оёғим чалишиб кетувди.
— Сенинг оёғинг ҳозиргача ҳам чалишади.
— Бўлди, сасима.
— Хўп, сасимадим. Менга қара, дўхтир таниш- ларинг кўп. Шоқосимни бир қаратсанг-чи? Шу ёшида қийшайиб юриши менга ёқмаяпти.
— Яхши айтдинг. Зўр дўхтирга қаратамиз. Жалил, ошна болаларни би-ир йиғмайсанми?
— Сеникигами? Келишмайди.
— Нега?
— Сен улардан ўзингни баланд тутдинг. Улардан ўзинг узоқлашдинг. Биз болаликда қанча эдик, ҳозир нечта қолдик, биласанми? Козим, Раҳим, Туроб, Ҳабиб, Манноп... Биттаси ўттиз бешда кетди, биттаси қирқида кетди... Жанозаларига бормадинг-ку? Сағирларига бир бурда нон бермадинг-ку?
— Ҳа, гапиравер, оғиз ўзингники, тилингнинг суяги йўқ. Худо ҳеч бўлмаса сенинг тилингни суякли қилиб яратганида қандай яхши эди...
— Сен Худонинг ишига аралашма. Ўзингни бил. Менинг тилимга суяк сўрагунча, ўзингга имон тила.

Бу гапни эшитиб, Асадбек аччиқланди. Ўрнидан бир қўзғолиб олиб, ўртоғига ўқрайди.
— Нима демоқчисан? Ҳали мен имонсизманми?!
— Бу ёлғиз Худогагина маълум. Лекин билиб қўй: маҳаллага мачит қурдирганинг билан имонли бўлиб қолмайсан. Мингта мачит қурдир-у, ўзингнинг пешананг саждага тегмаса бир пул.
— Мен мачитни пеш қилганим йўқ сенга.
— Мен ҳам шунчаки айтдим.

Асадбек чиндан ҳам ғазаблана бошлаган эди. Гап талашув шу зайлда давом этса, ўртоғининг кўнглини оғритиб қўйиши мумкинлигини фаҳмлаб, сукут сақлади. Жалил бу сукутни мағлублик аломати деб ўйлаб, ғолибларга хос қараш билан ошнасидан яна сўз кутди.
— Нима қиласан, болаларни йиғасанми? — деди ниҳоят Асадбек, аввалги мавзуга қайтиб.
— Айтдим-ку, сенга... — деди Жалил ўша қайсарлик билан.
— Меникига келмаса, уйингга чақир. Бўлмаса... чойхона бор. Битта ош мендан.
— Ўҳ-ҳў... жуда каттага тушасан-ку, а? Ошнам, ҳамёнинг кўтара олармикин бунча харажатни? — деди Жалил пичинг билан. Асадбек унга бир сапчимоқчи бўлди-ю, унинг қувлик билан жилмайганини кўриб, шашти пасайди. «Понани пона билан чиқаради», деганларидай ўзи ҳам пичинг билан жавоб қайтарди:
— Ҳамёним кўтармаса Жалилбойвачча деган ошнам бор, қараб турмас ахир.

Суҳбат шу зайлда давом этаверди. Дам киноя, дам ғазаб, дам пўписа оҳанглари бир-бирларига илтифот қилиб, суҳбат маромига ҳожалик қилдилар. Жалил кетишга шошилмади. Асадбек эса уни қувмади.

Асадбек сўзни асосий мақсадга буришга қанчалик уринмасин, шу гапга келганида тили айланмай қолаверди. Йўқ, у ошнасига қизи фожиаси ёки бугунги отишмани айтишни ният қилмаган. Унинг мақсади бошқа.

Қизини шармандали ҳолда кўриб, изига қайтаётганида хаёлига «нима учун мени Худо ёмон кўриб қолди?» деган савол урилди. Бу саволни кейинроқ ҳам тез-тез эслади. Элчинни тирик кўрганида ҳам хаёлини шу савол бир ёритиб ўтди. Бу саволга ўзи жавоб топа олмас эди. Жалил келганида ундан сўрамоқчи бўлди. Лекин ўзи билмаган қандайдир куч уни тўхтатди. Сукутга берилган онлари хаёлан Жалилга шу саволни берди. Жалил эса унга:
— Аввал Худо сени яхши кўрармиди? — деб жавоб қилади.
— Аввал ҳамма ишларим силлиқ эди. Бошимга бунчалик бало тошлари ёғилмаганди.
— Худо сени синаётган эди. Сен бошқаларнинг бошига офат тошлари ёғдириб кун кўрдинг. Энди бу тошларни ўзинг ҳам бир тотиб кўр-чи? «Пичоқни олдин ўзингга ур, оғримаса бировга ур», деган ҳикматни эшитмаганмисан? Сен бу ҳикматга амал қилмадинг. Пичоқни аввал бировларга уриб, лаззатландинг. Энди эса пичоқ этингни сал тилиб кетса, вой-войлаб ўтирибсан...

Асадбек дўсти билан хаёлан шундай баҳс юритиб «Бу одамдан фақат шунақа сассиқ гап оласан» деган қарор билан саволини тилига чиқармади.

Жалил «шундай сўррайиб ўтираверамизми, ул-бул олиб чиқай», деб укасиникига йўл олганида унинг изидан яна шу саволни хаёлан бериб кўриб, бу сафар лўндароқ жавоб олди:
— Худо сени нима учун яхши кўриши керак?..

2

Жалил укасиникидан қайтаётганида Чувриндига йўлиқди. Машинадан тушибоқ хуш кайфият билан кўришган Чувринди эшикни очмоқчи бўлганида Жалил уни тўхтатди:
— Акангга нима бўлди?
— Нима бўпти? Билмасам... Уйга борсам йўқлар, ҳойнаҳой шу ердадирлар, деб келаётганим.
— Шунақами?... — Жалил аччиқланиб «ит ҳам эгасига бунчалик вафодормасдир», деб ўйлади, сўнг Чувриндининг билагидан ушлаб, ўзига қаратди: — менга яхшироқ қара-чи, аҳмоққа ўхшармикинман?
— Ие, Жалилхон ака, нимага ундай дейсиз?
— Мен аканг билан кўча чангитиб юрганимда сен адангнинг белида ҳам йўқ эдинг. Мен оғайнимнинг кўзига қараб, ичида дарди борлигини биламан. Ҳали сен мени лақиллатмоқчи бўласанми, айт, нима гап ўзи?
— Ўзларидан сўрамадингизми?
— Ўзи дардини айтадиган одамми?
— Сизга айтмаган сирларини менга айтармидилар. Мен ҳам ҳайронман, ўзи. Кеннайим кетганларидан бери кайфиятлари йўқроқ.
— Дўхтирга қаратяпсанми? Йўтали жуда хунук-ку?
— Дўхтир дори берган. Худо хоҳласа яхши бўлиб кетадилар.

Жалил ундан гап ололмаслигини билиб, билагини қўйиб юборди. «Бир гўрсанлар ҳамманг», деб ичкари кирди. Уйга киргач, Чувринди бирон ишора қилармикин, деб кузатди. Асадбек аъёнининг жилмайиб салом беришиданоқ иш яхши битганини фаҳмлади. Ортиқча имо-ишорага ҳожат қолмади.

Чувринди аввал уйга ўтгани, сўнг бу ёққа таваккал қилиб келаверганини айтиб, танчанинг бир томонини эгаллаб ўтирди.

Жалил укасиникидан олиб чиққан дастурхонни ўртага қўйди.
— Жиян ҳозир чой олиб чиқади, — деди у, — укам исменда экан, келинга айтдим, маставага уннади. Бир терласанг, енгил тортасан.
— Бекор овора қилибсан, уйга борақоламиз, — деди Асадбек.
— Тўхта энди, маставани ичиб кет. Жиянларим айтишди: ҳали шу томонда милтиқ отилганмишми? — Жалил шундай деб икковига синовчан боқди.
— Агар сенинг жиянларинг эшитишган бўлса отилгандир. Сенга-ю, уруғларингга Худо жағ билан қулоқни икки нормадан қилиб берган. Милтиқ овозини эшитишган бўлса... битта-яримта қарға отгандир.
— Гапинг тўғри, — деди Жалил, — ҳозир гўшт қиммат, қарғани отиб, қозонга босгандир. Ўзи азалдан шу маҳаллада қарға отиб тирикчилик қилишади. Ўзинг ҳам қарға гўшти еб катта бўлгансан, эсингдами?

Чувринди икки ошнанинг бу илмоқли гапларидан кулди.
— Гапга ҳам тўн кийғизворасиз-да, аммо ака, — деди Жалилга, — Эскироқ мошина ўтган бўлса, пақиллагандир.
— Ҳа... мен ҳам шунақа дедим уларга. Милтиқ-пилтиқ деган гапларни йиғиштирларинг, сенларга шунақа туюлган, дедим.

Шу гапдан сўнг Асадбек Чувриндига маъноли қараб қўйди. Жалил бу қарашда бир сир яширинганини сезиб, бу ҳақда сўз очиб хато қилганини фаҳмлади.

Чувринди келгунига қадар болаликнинг масъуд дамларига қайтиб, кўнгил ғубори кўтарилаётган Асадбек яна бугунги куннинг заҳарли ҳавосидан нафас ола бошлади. Гўё Чувринди билан бирга бу хонага куннинг изғиринли ташвишлари ҳам қайтгандай бўлди. Тўп тепиб, қийқириб юришлар, ўртоғининг қўли сингани, кўкраги ёнғоқдай бўлиб қолган ҳуркак қизларга тегажоқлик қилишлар... ҳаммаси изига қайтмас ўқ каби учиб ўтиб кетгани яна бир карра таъкидланди гўё. Учинчи одам орага қўшилгач, икки ўртоқнинг сурур булоғидан сув ичаётган суҳбати лойқаланди. Чувринди индамай ўтиргани билан улар ғуборсиз болалик уммонида эркин суза олмас эдилар. Суҳбат мавзуи ўзи истамаган сўқмоқларга бурилавергач, Асадбек сиқила бошлади. Ундаги ўзгаришни сезган Жалил «Қарай-чи, мастава пишдимикин?» деб ўрнидан турди. У чиқиб кетиши билан Чувринди Элчинни қай аҳволда касалхонага элтганини маълум қилди.
— Уйга дўхтир чақира қолмабсан-да, — деди Асадбек норози оҳангда
— Шунақа қилмоқчийдим... лекин... Зайнаб...
— Нима бўлди? — деди Асадбек хавотир билан.
— Дорининг хумори тутган шекилли. Сал нотинчроқ эди. Ҳозир шу келишимда хабар олдим.

Инқиллаб ётибди. Ёлғиз қолмасин, деб келинингизга одам юбордим. Икки-уч кун ёнида туради. Хумордан қутулгунча қийналади. Балки...
— Нима демоқчисан, айтавер.
— Балки касалхонада даволатсакмикин?
— Калланг жойидами?! Бошми бу ёки томоша қовоқми? Ким у, биласанми? Асадбекнинг қизими ё кўчада ит ҳам, бит ҳам тепиб ўтадиган одамми? Бир марта касалхонага ётқизганинг камлик қилдими?
— Мен билиб ўтирибманми?..
— Билишинг керак эди. Оғзингга пашша ўтириб кетса ҳам лаллайиб ётавер, «билибманми...» деб.

Жалил қайтиб киргунига қадар ҳам Асадбекнинг ғазаб ўқлари тугамади. Чувринди эса эртакдаги баҳодирлардай кўкрагини бу ўқларга тутиб, чидам билан тураверди.

Мастава шўр туюлиб, Асадбек уч-тўрт қошиқдан ортиқ ичолмади. Чувринди эса иримига лаб теккизиб қўйди. Жалил уларга эътибор бермай маставани хўриллатиб ичиб, косани бўшатди.
— Энди уйга борамиз, — деди Асадбек, лабини сочиққа артаётган ўртоғига қараб.
— Ҳамма уй-уйигами? — деб аниқлаштирди Жалил.
— Йўқ, сен меникига борасан. Гаплашиб ётамиз.
— Боринг, акахон, — деб ҳожасини қувватлади Чувринди, — бир кун минг кун бўлармиди, би-ир отамлашиб ётасизлар.
— Борсам боравераман-да, уйда эмизикли болам қолиб кетармиди, — Жалил шундай деб косаларни йиғиштирди-да, ташқарига йўл олди. Асадбек ҳам ўрнидан туриб ҳовлига чиқди.
— Одамларингга тайинла. Пашша ҳам учиб ўтмасин бу ҳовлига. Кун ёришганда қон теккан ерни қириб ташлашсин. Жалилнинг гапларини эшитдинг-а, иси чиқмасин.
— Болаларни?..
— Уларга тега кўрма. Лекин шу атрофдагиларнинг оғзи маҳкам бўлиши керак. Нима қилиш кераклигини ўйлаб кўр.

«Ўйлаб кўр», дейиш осон. Аммо ўйлаб, энг маъқул йўлни топишнинг ўзи бўларми экан? «Иккита, учта ўқ овози бўлса эди, эшитганлар унга эътибор беришмаса,— деб ўйлади Чувринди. — Ўликка шунча ўқ узиш шартмиди?..»

Шарт эмас эди. Бу Асадбекка ҳам маълум нарса. Аммо ўшанда унга ҳокимлик қилган ғойиб кучи шунга мажбур этди. Чувриндининг бу ҳолни ҳис қилиши мушкул.

Айни чоғда оғир туюлган бу масаланинг ечимини Чувринди тонгда топди. Ҳосилбойваччанинг йигитлари билан бўлган учрашувдан кейин Ҳалимжон Чувриндининг топшириғига кўра терговчи қиёфасида қўни-қўшниларникига бир-бир кириб чиқди. Ажойиботни қарангки, уларнинг биронтаси ҳам ўқ овозини эшитишмабди. Ҳатто Жалилнинг жиянлари ҳам «Ўқ овозини эшитдингларми?» деган саволга «Қанақа ўқ?» деганларича безрайиб тураверишди.

Бу манзара эртанинг иши. Бу кеч эса Асадбек топшириқни бериб машинага ўтирди. Чувринди икки ошнани кузатгач, уйига қайтишга отланди. Йўл-йўлакай яна Зайнабдан хабар олди. Хотини етиб келган, ўқчиётган Зайнабга чой тутиб, «ичинг, айланай, терласангиз ўтиб кетади», деб зўрлаётган эди.
— Қанақа чой беряпсан? — деб сўради Чувринди, остона оғзида тўхтаб.
— Кўк, — деди хотини.
— Фамил дамла. Роса аччиқ бўлсин.

Шундай деб яна бир оз тургач, изига қайтди.

3

Тонг ғалати манзара билан отди.

Машриқдаги булутларнинг четлари қонталаш, аммо бағри қора эди. Кечаси бир сидра ёғиб, ер юзасини омонат қоплаган қор эса бағрига сукунатни сингдирган. Серқатнов кўчалардаги қор машина ғилдираклари остида эзилиб, эриб кетгач, сукунат ҳам чекинди. Шовқин Асадбек яшайдиган маҳаллага ҳам етиб келди.

Ярим тунга қадар гурунглашган икки ошна ҳали уйқуда — тонг манзарасини кўришдан бебаҳра эдилар. Жалил уйқу ҳукмига бўйсуниб бомдод намозини ҳам бой берди. Ташқарида ғовур-ғувур товушлар қулоғига кирган Асадбек кўзларини ярим очганича бошини кўтарди. Овозларга қулоқ тутди. Сўнг эринибгина ўрнидан туриб, ҳовлига чиқди. Муздек тоза ҳаво тўғри ўпкасига урилиб, йўтали қўзиди. Йўтал овозини эшитган дарвозахонадаги чоллар ҳам, уларнинг йўлини тўсиб турган йигит ҳам уй томонга қарадилар.
— Нима гап? — деди Асадбек, йўтали тингач.
— Гаплари бормиш, — деди йигит айбдор одамнинг овози билан. Сўнг ўзини оқлаш мақсадида изоҳ берди: — Ухлаяптилар десам ҳам кўнишмаяпти.
— Бек иним, икки оғиз гапимиз бор, айтамизу кетамиз. Сизни учратишимиз осонми, бу тўртинчи келишимиз, ҳайрият, уйда экансиз, — деди чоллардан бири.
— Кираверинглар, мен ҳозир, — Асадбек шундай деб ювинишга ўтди. Йигит «уйга киринглар», деса ҳам чоллар айвонда, тик турган ҳолда кутишди. Асадбек ювиниб чиқиб, улар билан кўришгач, уйга таклиф қилди. Чақирилмаган меҳмонлар бу лутфни қайсарлик билан қабул этмадилар.
— Бек иним, биздан ранжиманг, бомдоддан чиқиб келавердик. Сизнинг ишингиз кўп, биламиз, кундузи учратишимиз қийин. Бир масалани ҳал этиб бермасангиз бўлмай қолди-ёв, — деди дастлаб узр сўраган қария.
— Қанақа масала?
— Мачит битай деб қолди, Оллоҳ сиздан рози бўлсин. Бунақа серфайз мачит бу атрофда бошқа йўқдиров... Аммо-лекигин... мачитда ит боғлоқлик турса ёмон бўлар экан. Шу итни йўқотиб беринг, жон иним.
— Ит? Қанақа ит? — деб ажабланди Асадбек.
— Ит деганимки... — қария қўполроқ гапириб юборганидан хижолат тортиб, соқолини тутамлаганича изоҳ берди: — мутаваллимиз Абдукаримни айтаман...
— Ҳа, Кўсамуллами? Яна қанақа ҳунар кўрсатди? Танобини тортиб қўювдим-ку?
— Кўсамуллангизнинг ҳунари кўп, Бек иним. Унинг аввал ким бўлгани ўзингизга маълумдир? Ҳозир тамоман мачитнинг хўжаси бўлиб олди. Кексани кекса демайди, ёшни ёш демайди. Хоҳлаганини уради, хоҳлаганини сўкади. Қилаётган ишинг мусулмончиликка тўғри келмайди, деб айтсак қулоғига илмайди.
— Қулоғига гап кирмаса орқасига боплаб тепмайсизларми?
— Тепишга тепардигу, аммо-лекигин бир нима десак «мачитни менга Бек акам топшириб қўйганлар» деб дағдаға қилади.
— Бекорларни айтибди. Мачит сизларники. Лекин... ёзда ҳам шунақа гап чиққанида четлаштирувдим, а? Қурилиш ишларини қиладиган бошқа одам топмадинглар. Бақириб-сўкса ҳам ишни юритиб турувди. Яна ўйлаб кўринглар. Мутаваллиликни олсаларинг олинглар. Унга бошқа иш беринглар. Майли, сўфилик қилсин, овози ўткир-ку?
— Ҳай-ҳай, асти ундай деманг. Агар у сўфи бўлсами... — қария кулимсиради, — у азон айтишни бошласа дунёдаги бор эшакларнинг бари ҳанграб юборар...
— Унда билганингларни қилаверинглар.
— Бек иним, яна чоллар ғийбатчи экан, деб ўйламанг. Мачитда юрадиган одам покизароқ бўлиши керак-да. Бу Кўсамуллангиз битта рост гапга тўқсон тўққиз ёлғонни қўшиб турса... Ёлғоннинг гуноҳи жуда катта экан. Агар бу Кўсамулланинг оғзига пилик тутиб ёқиб қўйилса, то қиёматга қадар ўчмас-ов... Бек иним, Кўсамуллангизни ўзингиз чақириб, мутаваллиликни топшир деб қўйинг.
— Хўп, — деди Асадбек энсаси қотганини яширмай. — Мачитга қадам босмаса, ҳисобми?
— Йў-ўқ, мачитга келиб ибодатини қилаверсин, фақат...
— Бўпти, гаплашиб қўяман, — Асадбек беодоблик бўлса-да, шарт бурилиб, уйига кириб кетди.

Чоллар унинг ранжиганини англаб, бош чайқадилар-у кўча томон юрдилар. Дарвозахонага етганларида «чақириб қолармикин», деган илинжда орқаларига қараб олдилар. Уй томондан садо бўлмагач, тарвузи қўлтиғидан тушган одам кепатасида кўчага чиқдилар.

Улар дарвозадан узоқлашмай туриб Чувриндининг машинаси келиб тўхтади. Чувринди уларга бир қараб олиб, дарвоза остонасида турган йигитдан «Ҳа, тинчликми, нимага келишибди?» деб сўради.
— Билмасам, мутавалли деган одамдан шикоят қилишди шекилли.
— Шу етмай турувди, — деди Чувринди минғирлаб. — Ким ивирсиб келса, ичкарига қўяверасанми?
— Кирамиз, деб ғалва қилиб туриб олишди. Кейин Бек акам «кираверишсин», дедилар.
— Нонушта тайёрладиларингми? Ҳамшира келиб кетдими?
— Йўқ. Мошина юборганман. Ҳозир келиб қолади.

Нонушта тайёр бўлгунича ҳамшира келиб, эмлаб кетди. Нонуштадан сўнг Жалил ташрифи учун ажратилган вақтнинг якунига етганини англаб дуо ўқиди-да, ўрнидан турди. Асадбек «яна бирпас ўтир», деб лутф қилмай, уни кузатгани қўзғалди. Ҳожасининг ўрнига Чувринди манзират қилди:
— Акахон, доим шошиб турасиз-а, гурунглашиб ўтирувдик-да...
— Мен ишлайдиган одамман. Ишласам менга бир бурда нон беришади, ишламасам, йўқ. Болаларимнинг ризқини ҳалол топаман. Сенларга ўхшаган бекорчи бўлганимда биқсиб ётаверардим.
— Йигитларга айт, олиб бориб қўйишсин.
— Онам мени мошинада туғмаганлар, автобусда кетавераман, — деди Жалил.
— Акахон, машина тайёр-а, — деди Чувринди.
— Қўй, ука, мен мошинага ўрганмаган одамман. У сенлар, ҳожатхонага ҳам мошинада борадиган.

Жалил шундай деб турганида дарвозахонада Кесакполвон кўринди. Жалилга кўзи тушиши билан чеҳраси ёришди. Соғинганининг дийдорига етишган бахтли одам каби қулочини кенг ёйиб келиб, Жалилни қучоқлади. Туни билан ичилган ароқнинг сассиқ ҳиди димоғига урилгани ҳамон Жалил афтини буриштириб, Кесакполвонни нари итарди:
— Чўчқахонада ётганмисан, нима бало?
— Ў, акагинам, ирганманг биздан, — деди Кесакполвон Жалилнинг гапини ҳазил ўрнида қабул қилиб.
— Ирганаётганим йўқ. Сендан таралаётган ҳид ўнта чўчқахонага асқотади. Сен ювиқсиз билан кўришган одамнинг охирати ҳам куйиб кетади.
— Сал пастроқ тушинг, акагинам, — деди Кесакполвон қийқириб кулиб, — жа оширвордингиз, одамлар этагимда намоз ўқийман, деб навбат кутиб туришибди-я...
— Ол-а, — деди Жалил, энсаси қотиб. — Сенинг этагингда намоз ўқишга шайтон ҳам ҳазар қилар. Киймингни итга ташла-чи, устига чиқиб ёзилармикин?
— Бўлди, акагинам. Шу гап билан ўлдириб қўя қолдингиз, — Кесакполвон шундай деб яна қучоқламоқчи эди, Жалил тисланиб, уни ўзига яқинлаштирмади. Кесакполвон буни ҳам ҳазил ўрнида қабул қилиб, хохолаб кулганича деди: — Сизда зарур гапим бор. Кечқурун уйингизга бораман.
— Шунақа аҳволда ювиқсиз борсанг уйга киритмайман, яна дод деб юрма.

Жалил шундай деб кўча томон юрди. Кесакполвоннинг кўзи Асадбекнинг қаҳрли нигоҳи билан тўқнашиб, сергак тортди.
— Шунақа бўлиб юргандан кўра ўлганинг яхшироқ эмасми? — деди Асадбек қаҳр билан. — Бир марта маишатдан қолсанг, миянгга уриб кетармиди?
— Жаҳлинг чиқмасин. Ўзимча маишат қилганим йўқ. Ғилайдан гап олишим керак эдими?
— Хўш, нима гап олдинг?
— Ҳали тайинли бир нима демади. Лекин биз томонга бутунлай оғди — гап йўқ! Мен уни одам қиламан.
— Сен унга яқинлашмай тур. У билан Маҳмуд ишлайди.

Асадбекнинг бу гапи Кесакполвон учун кутилмаган тарсакидай бўлди. Шу сабабли «хато эшитдимми ё ҳазиллашяптими?» дегандай унга қараб қолди.
— Нимага бақрайяпсан? — деди Асадбек уйи томон юриб.
— Кечаги гап бошқа эди-ку? Нима учун энди уни Маҳмудга оширяпсан? — деди Кесакполвон зардали овозда. Чувринди уларнинг тортишувига аралашмаслик учун ўзини четроққа олди.
— Вақти келса биласан, — деди Асадбек орқасидан эргашиб келаётган Кесакполвонга қарамай. Уйга кириб ўтиргандан кейин Кесакполвоннинг савол назари билан тикилиб турганини кўриб, юмшоқроқ тарзда изоҳ берди: — Маҳмуд балки у билан бирга Масковга бориб келар.
— Мен олиб борсам-чи?
— Сен аввал ўрисча гапиришни ўрган. «Твоё-моё»дан нарига ўтолмайсан.
— Масковда нима қилади?
— Вақти келганда биласан.
— Нима учун мен ҳамма нарсани охирида билишим керак. Энди мен итнинг кейинги оёғи бўлиб қолдимми? Менга ишонмаётган бўлсанг айт. Хоҳласанг орқамга бир тепиб, кўчага ҳайдаб чиқар. Ғинг деган номард!
— Сасима... Ғилай қаерда?
— Машинада. Кирсинми?
— Йўқ! У ифлоснинг оёғи остонамга теккан куни чотини йириб осиб қўяман, билдингми? Сен бошлаб кирсанг, сени ҳам аямайман.

Ғазаб билан айтилган бу таҳдиднинг замирида чинакам зулм мавжудлигини Кесакполвон сезди. Аммо унга бир нарса қоронғу эди. Ҳосилбойваччани нима учун ўлдирди-ю, лайчасига ҳаёт инъом этгани ҳолда энди бу қадар нафратланяпти? Асадбекнинг Ҳосилбойваччани ёқтирмаслиги Кесакполвонга маълум эди. Лекин уни ўлдириш учун шунинг ўзи сабаб бўлолмаслигини ҳам биларди. Чунки Асадбек кўп одамларни ёқтирмайди. Лекин шу пайтгача ёқтирмаган одамларидан биронтасини ўзи ўлдирмаган эди. Кесакполвон маишат баҳонасида чиндан ҳам Ғилайдан гап олмоқчи эди. Ғилай ҳожасининг ўлими сабабини билмасмиди ё ўзини меровликка солдими, ҳарҳолда тайинли гап айтмади.

Чувринди кириб, хонтахтанинг пойгак томонига ўтирди.
— Бек, сен ҳаммамизга хўжайинсан. Шу пайтгача ақлим етганича маслаҳат берганимда хоҳлаганингни олиб, хоҳламаганингни нари отдинг. Мен ғинг демадим. Маслаҳатимга қулоқ солганингда ҳеч ёмон бўлдингми? Ҳозир жаҳлинг чиқиб турган бўлса ҳам айтай: Ғилайни Маҳмуд эплай олмайди. Ғилайни ҳам, шотирларини ҳам биламан. Улар бизнинг йигитларга ўхшашмайди.
— Бўлди, чўзилма. Одамларни қаерга йиғасан?
— «Ялта»га. Ҳозир ўша ер тинч.
— Ҳаммаси келадими?
— Ғилай тайинлаган.
— Маҳмуд, сен боғни ўраб оласан. Ишкал чиқса биттаси ҳам тирик қолмаслиги керак. Ҳайдар, сен Ғилайни боққа олиб бор. Ҳамма тўпланганидан кейин менга хабар берасанлар.
— Ўзимиз гаплашиб қўяқолсак-чи? Сенинг боришинг шартми?
— Шарт! Чиқаверларинг.

Аъёнлар ўринларидан қўзғалишди. Чувринди остонага етганида Асадбек уни чақирди:
— Маҳмуд, тўхта, гап бор.

Кесакполвон «Яна яширин гапми?» деб ғашланиб, ташқарига чиқди.
— Зайнабдан хабар олмадингми? — деб сўради Асадбек ёлғиз қолишгач.
— Ҳозир кириб келдим. Келинингиз қараяпти. Кечагидан анча тузукка ўхшайди. Касалхонадан телефон қилишибди, кечқурун милисадан келиб кетишибди.
— Зайнаб... билдими?
— Ҳа, билибди. Яхши бўлиб турса, келинингиз билан бирга касалхонага бориб келишади.
— Яхши... борсин... Маҳмуд, агар ишкал бўлиб ҳаммасини отадиган бўлсанг ҳам Ғилай тирик қолсин.
— Нега?
— У керак бўлади... Хонгирейни кўрганинг эсингдами? Ҳосилнинг суянган тоғи ўша эди. Шунинг учун ҳам олифтагарчилиги осмонда эди. Улар нимани келишишган, билмайман. Ҳарҳолда Хонгирей тинч турмас. Ғимирлаб қолса, тинчитиш учун Ғилай керак бўлади. Қараб турасан, уч-тўрт кундан кейин Хонгирей Ҳосилни суриштириб қолади. Ҳосил мени янчиб ташламоқчи бўлганини унга айтган бўлиши керак. Шунинг учун Хонгирей биринчи навбатда мендан хавфсирайди. Ғилай — асосий гувоҳ. У нима деса шу бўлади. Ғилай биз хоҳлаган гапни айтади. Боғдаги иш охирига етиши билан уни олиб кетасан. Иси чиқмайдиган ерга яширасан. Ҳатто Ҳайдар аканг ҳам билмасин. Энди боравер, сергак бўл.

4

«Ялта» дейилган жойга, шаҳар чеккасидаги ташландиқ боққа Асадбек Ҳалимжон билан бирга борди. Кесакполвон бу ерни бекорга танламаган эди. Бир томони ўзи айтгандай, тинч бўлса, иккинчи томони — Асадбекнинг болалиги, ёшлиги хотираларига боғлиқлиги эди. Асадбек бу овлоқ боғда кечалари фонус ёқиб қўйиб, роса ошиқ тепган. Кейинчалик, қиморни ташлаб, «қозилик» мартабасига ўтиргач, кўп баҳсли масалалар шу ерда ҳал қилинган эди. Боғдаги қуриган, қурий бошлаган дарахтлар қанчадан-қанча одамларнинг нолаларига гувоҳ бўлган...

Ўзларича Сталин, Рузвелт, Черчилл учрашувларига қиёс қилиб, даъвогарларни «Ялта конферентсияси»га таклиф қилишар эди. Ана шундан бери бу Ўрмонбоғ ўзининг асл номини йўқотиб, «Ялта» деб юргизиладиган бўлган эди.

Асадбек «Ялта»га кўп йиллардан бери келмаган эди. Бирон бир давра билан ораларида тушунмовчилик юз берса баъзан Кесакполвон, кўпроқ ҳолларда эса Чувринди келиб, масалани ҳал қилиб кетаверарди.

Асадбек машинадан тушишга улгурмасидан уни Чувринди қарши олди.
— Ҳаммаёқ тинч, — деди у ҳисоб бериб. — Қуролларини беришди.
— Сапчишмадими?
— Йўқ. Ҳозирча ювошгина туришибди.
— Ҳаммаси йиғилдими?
— Тўрттаси Красноярда экан.

Асадбек Хонгирейнинг гапларини эслаб, «Ҳойнаҳой Козловга кетишгандир», деб ўйлади-да, фикрини тасдиқ этмоқ учун сўради:
— Нимага кетишибди? Ғилай айтмадими?
— Ғилай билмасмиш. Ҳосил уларни уйга олиб кириб, бир соатча нималарнидир тушунтирибди. Ғилайнинг билгани шу.
— Қачон келишаркан?
— Ё эрта, ё индин.
— Ўзинг кутиб ол. Биров билан учрашишларига йўл қўйма, — у шундай деб бир-икки қадам юрди-да, тўхтаб буюрди: — Красноярга одам юборсакмикин? Агар Козловга ёпишишган бўлса, тсистернанинг ишкали чиқмасин.

Қишда ит уриштириладиган яйдоқ майдончада Ҳосилбойваччанинг йигитлари тўпланиб туришарди. Уларнинг аксари ҳали ўттизни қораламаган, буюрилса олов денгизи бўйлаб ялангоёқ югуришдан тоймайдиган йигитлар эди. Улар ажал тунидай хунук ва шум, тундан қора ва зулмкор эдилар. Ҳаммалари худди оловдай, аммо тутун каби кеккайиб, кўм-кўк осмонга бош тортишни одат қилиб эдилар.

Кесакполвон Ғилай билан четроқда турарди. У Асадбекнинг Чувринди билан ёнма-ён келаётганини кўриб бир ғижинди-ю, истар-истамай унга пешвоз чиқди. Ғилай янги ҳожасига эргашишни ҳам, эргашмаслигини ҳам билмай, жойида қотди.

Асадбек Ғилайга кўзи тушиши ҳамон тўхтади. У қизининг шармандали ҳолда суратга олинишида Ғилайнинг ҳам иштироки бор, деб ҳисобларди. Шу боис аввалига ҳожасига қўшиб уни ҳам ўлдиришни истаган эди. Лекин Хонгирейга бориб тақаладиган масалани ечишда ёрдами зарур бўлишини инобатга олиб, Ғилайнинг умрини бир оз «чўзди». «Ҳосилбойваччани ўрган одамлари ушлаб кетгани»га Хонгирейни ишонтириши билан Ғилайга ҳожат қолмайди. Лекин унга қадар... Вақти-вақти билан Ғилайни кўриб туришга мажбур. Уни ҳар кўрганида қизининг шармандали ҳолати кўзи олдига келиб эзилаверади, эзилаверади... Бошқа чора йўқ.

Тўпланиб турган йигитлар Асадбекни кўришгач, ўзга давлат бошлиғини шарафлашга ҳозирлангандай беихтиёр равишда саф тортишди.

Аслида ҳам шундай эди. Агар таъбир жоиз бўлса, Асадбек шайтанат оламидаги «ўзга давлат» раҳбари, йигитлар эса «мағлуб мамлакат»нинг фуқаролари эдилар. Мозий тилига кўчирилса, улар — қўмондонидан ажралган асирлар эдилар. Асирларнинг тақдирини эса ҳамиша ғолиб амирлар ҳал этганлар. Агар амирнинг кўнглига Яратган озгина инсоф, раҳм-шафқат солса, уларнинг молу жони омонда, йўқ эса талонда бўлганлари сир эмасдир. Алҳол, агар Асадбек ақлига, қалбига зулм эгалик қилсами, чақмоқдай ёниб турган бир тўп йигит дақиқанинг ўзида бир тўп кулга, аниқроғи бир тўп мурдага айланишлари мумкин эди. Атрофни ўраб турган йигитларга биргина имо кифоя: биқинларига тиралиб турган тўппончалар чиқарилади-ю, тепкилар босилади. Айримлар «Оҳ!» дейишга ҳам улгуролмай қолишади. Сўнг... мурдалар машиналарга ортилади-ю, изсиз йўқотилади. Сўнг...бедарак кетганларнинг сони кўпаяди. Сўнг... кимдир ўғлига, кимдир эрига, кимдир акаси ёки укасига аза очишни ҳам, умид билан кутишни ҳам билмай йилларни армонда ўтказади...

Йўқ, ундай бўлмади. Гарчи Асадбекнинг оёқлари уни зулм сари етаклаган бўлса-да, инсон қони тўкилмади.

Асадбек йигирма қадамча берида тўхтаб, йигитларни кузатди. Аъёнлари унинг ёнида тек турганларича худди чуҳралардай атрофга олазарак қарашарди. Асадбек Ҳосилбойваччанинг йигитларига қараб, уларда бесаранжомлик бор ёки йўқ эканини аниқламоқчи эди. У томоннинг хотиржам турганини кўриб, аста юра бошлади. Аъёнлари эргашган эди, орқасига ўгирилиб, буюрди:
— Ҳайдар, Ғилайнинг ёнида тур. Маҳмуд, сен сал орқароқда юр.

Асадбек йигитлардан икки қадам берида тўхтади. Ана шу икки қадам оралиғидаги масофага сукунат суқулиб кириб ҳукмронлик ўрнатди. Кўзлар кўзларга тўқнашган ҳолда қотди. Аммо сукунатнинг ҳукмронлиги узоққа чўзилмади. Йигитларнинг чапдастроғи «Ассалому алайкум, Бек ака», деди-ю, қўлини кўксига қўйганича унга пешвоз чиқди. Бошқалар ўйлаб ҳам ўтирмай, унга эргашишди. Уларнинг аксари янги ҳожалари билан қўшқўллаб кўришишди. Мана шу манзаранинг ўзиёқ «икки давлат» ўртасида ғолибнинг фойдасига битим имзоланганидан далолат эди. Асадбек улар билан кўришиб бўлгач, «иш кўнгилдагидай битди», деган хаёлда орқасига қайтмоқни ҳам ўйлади. Бу йигитлар ўз ҳожалари учун жон олишлари мумкин, аммо жон беришни истамайдиган тоифадан эди. Кеча оқшомда ҳожаларининг Асадбек уйига кириб кетганича қайтиб чиқмаганини улар билишарди. Кичик ҳожаларининг бу ҳолда туришининг ўзиёқ уларга чорасиз эканликларини, икки йўлдан бирини танламоқликлари зарурлигини англатарди. Асадбек келмасидан илгариёқ, улар кичик ҳожалари йўлини танлашган, ғолиблар қаршисида бичилган юввош қул либосига ўралган эдилар. Агар Асадбек кўринганида биров «Тиз чўкларинг!» деб буйруқ берсами эди, шубҳасиз тиз чўкардилар, буйруқ бўлса сажда қилишдан-да қайтмаган бўлардилар.

Асадбек улар орасида саросимани, норозиликни, ҳатто қаршиликни кутган эди. Йигитларнинг мутелик билан кўришишлари унинг учун кутилмаган ҳол бўлди. «Агар Ҳосил мени ўлдирганида менинг йигитларим ҳам унга шундай пойи-патак бўлишармиди?» деган хаёл кўнглини ғаш қилиб ўтди.

Кўришув маросими тугагач, йигитлар Асадбекнинг атрофида ярим доира ясадилар. Тобелик аломати яққол сезилиб турса-да, Чувринди эҳтиётни шарт деб билиб унга яқинлашди. Ўнг қўли жигарранг чарм плаш чўнтагидаги тўппонча дастасини маҳкам сиқди.
— Ҳосил менинг энг қадрдон укахонларимдан, буни биласанлар, а? — деди Асадбек вазминлик билан. — Кеча у уйимга келиб бир илтимос қилди: узоқдаги бир жойда битадиган зарур иши бор экан. Ўзи бормаса иши битмас экан. У ёқда бир ой юрадими, икки ойми — Худо билади. «Замон нозик, болаларга кўз-қулоқ бўлиб туринг», деб илтимос қилди. Сизларга шу хабарни ўзим етказиб қўяй деб тўпладим. Ҳосилнинг кетганини сиз билан мендан бошқа ҳеч ким билмаслиги керак. Биров сўраса тушунтириб ҳам ўтирманг. «Билмайман», денг — тамом! Кимнинг гапи бўлса, менга рўпара қилинг. Ҳосил келгунича, мана, Маҳмуджон акаларинг нима деса, шунга бўйсунасанлар.

Бу гапларни эшита туриб Кесакполвон бетоқатланди.
— Билиб қўй, — деди у Ғилайнинг биқинига тирсаги билан аста туртиб, — энг муҳими — ўшандан эҳтиёт бўл. Сен ўладиган бўлсанг ҳам шунинг қўлида ўласан.
— Патсан-ку бу, бўш келиш йўқ, — деди Ғилай менсимаган тарзда.
— Ақлинг бўлса, шу мишиқилардан қўрқ. Қовоқ калласига нима келса шуни қилади.

Ғилай «сеники маъқул» дегандай бош ирғаб қўйди.

Асадбек гапини охирига етказа олмади — йўтали тутди. Чувринди илдам равишда унинг ёнига келиб, гапини давом эттирди:
— Ўйлаб кўрларинг: сенларни зўрлаш йўқ. Ҳосил келгунича бирга ишлаймиз, десаларинг, гап йўқ. Кўнмасаларинг, яна ўзларинг биласанлар. Лекигин тухум босиб ўтирасанлар, писта қилиб юрасанлар. Ғиринг-пиринг деган гап чиқарсаларинг тухумларингни қуритаман.
— Эшитдингми? — деди Кесакполвон яна Ғилайни туртиб, — Ҳосил келгунича бирга ишлайсанлар. Кейин Ҳосил келиб, ўзи билан олиб кетади.

Ғилай «патсаннинг ўзини асфаласофилинга жўнатмай тағин!», демоқчи бўлди-ю, тилини тийди. Ҳар- ҳолда булар орасидаги муносабатни яхши билмайди. Ораларида совуқлик мавжуд дегани — бир-бирларига душман, деган гап эмас. Бугун бундай деб тўнғиллаб, эртага туғишгандан зиёда равишда апоқ-чапоқ бўлиб юрадиганлар камми дунёда?
— Қани, ўйладиларингми, нима дейсанлар? — Чувринди йигитлардан жавоб кутиб, уларга бир-бир қаради.
— Юр, — деди Кесакполвон Ғилайга, — бир нарса деб қўй.

Ғилай унга эргашиб, тўдага яқинлашди-да, Чувриндига қўл узатди:
— Гап йўқ, окахон, — деди жилмайишга ҳаракат қилиб. — Акам «Бек акаларинг билан бирга туринглар», деганлар. Бошқача гап бўлиши мумкин эмас. Тўғрими? — у шундай деб йигитларига қаради.
— Гап йўқ, — деди Асадбек билан биринчи кўришган йигит. — Бошқалар ҳам тасдиқ ишорасини қилиб, Чувринди билан кўришиб чиқишди.
— Энди шошмаларинг, битта-битта гаплашаман, — деди Чувринди «битим имзолаш» маросими якунлангач. Асадбек бўлажак суҳбатда иштирок этуви шарт бўлмагани учун изига қайтди. Кесакполвонга «Юр» ҳам демади, «Сен қол», ҳам демади. Кесакполвон бундан ўзича хулоса чиқариб, Чувриндининг ёнида қолди. Натижада «бирга-бир» суҳбатлашиш фикри амалга ошмади, суҳбат «учга-бир» тарзида бўлиб ўтди. Чувринди ҳар йигитнинг зиммасидаги вазифасини сўраб билди. Ошиқча сўз айтмади. Кўрсатма ҳам бермади. Кесакполвоннинг эса бу суҳбатдан кўнгли тўлмади. Ўзига зарур сир ололмади.

«Томонлар орасидаги музокара» якун топгач, Чувринди Асадбекнинг топшириғига кўра Ғилайга «Мен билан юрасан», деди. Ғилай бу амрга бўйсунмагандай Кесакполвонга қараган эди, у «Боравер, сени ўзим топаман», деган маънода имлаб қўйди.

Ҳамма тарқаганидан кейин ҳам Кесакполвон «Ялта»да бир оз турди. Бўлиб ўтган воқеаларни у яна фикр тарозуси паллаларига қўйди. Бузуқ тарозида нарса юз тортилсин, минг тортилсин — бир хил рақамни кўрсатиб тургани каби унинг ақл тарозуси ҳам ягона фикрни таъкид этарди: Асадбек билан Чувриндининг ҳаракатларида ўзига қарши ҳолатни кўрарди. «Ҳокимият» узил-кесил Чувринди қўлига ўтиб, ўзи четлатилгандай, ҳокимлик мартабаси эмас, мулозимлик балчиғи томон пасаяётгандай туюларди.

«Осонлик билан жон берадиган аҳмоқ йўқ!»

Кесакполвон шу қатъий қарор билан изига қайтмоқчи бўлиб шарт бурилди-ю, икки-уч қадам қўйгач, катта ит етаклаб келаётган йигитни кўриб, секинлашди. Кечаси бир сидра қор ёғиб ўтган бўлса-да, ҳали қишнинг ҳукм ўтказишига фурсат бор, демак, ит уруштириш мавсумига ҳали сал эртароқ эди. Бўрибосарнинг катталигидан эгаси қайиш ёки арқонга эмас, занжирга боғлабди. Йигит майдон ўртасидан келаётган Кесакполвонни сал четлаб:
— Ака, сал эҳтиёт бўлинг, одамга ташлаб қоладиган одати бор, — деди узрли оҳангда.
— Роса етказибсан-ку, а? — деди Кесакполвон итга тикилиб.
— Кўз тегмасин, деб қўйинг, ака, — деди йигит.
— Ҳа, ҳа, кўз тегмасин. Ҳали ёшга ўхшайди, а? Бу йил биринчи марта қўясанми?
— Бултур икки марта қўйганман.
— Ютганмиди?
— Йўқ, жуда ёш эди.
— Ҳозир зўри кимники?
— Аҳмадбой акамники. Чемпион-да.
— Бултурги гапми бу?
— Бу йил ҳам зўр. Ўтган оддих қўйишди.
— Вақтли бошлабсанларми бу йил?
— Одамлар соғиниб қолишган-да.
— Бугун қўймоқчимисан?
— Маслаҳатга қарайман.

Кесакполвон йигит билан гаплашиб турганда Ҳосилбойваччанинг йигитларидан бири унга яқинлашди.
— Ҳайдаржон ака, ишқивозлик борми? — деди у итга ишора қилиб.
— «Ми»сини олиб ташлаб гапир. Мен кўрган кучуквозликларни кўриш учун яна юз йил яшашинг керак. Кейинги пайтларда вақт бўлмади. Бўлмаса битта қўймас эдим.
— Бугун қолинг бўлмаса, зўрлари қўйилади.
— Шуни айтяпсанми?
— Бунинг гавдасига ишонманг. Пўк ҳали.
— Сен қаердан биласан?
— Биламан-да... Тирикчилик шу ерда, акахон, — деди йигит мийиғида кулиб.
— Бу ер... сенга қарайдими? — деди Кесакполвон ажабланиб.
— Ҳа... — деди йигит айбдор боладай ундан кўзини олиб қочиб.

Кесакполвон бу ер шу йигитга қарагани учун ажабланмади. Унинг таажжуби бошқа нарсага бўлди: бир вақтлар Асадбек гуллатган бу жой қачон, қанақасига Ҳосилбойвачча ихтиёрига ўтиб қолган экан? Бу жойга хўжайинлик қилишга тўла ҳуқуқ уларнинг ихтиёрида бўлгани ҳолда нечун эътиборсизлик қилдилар? Буни Асадбек биладими ё Маҳмуднинг хабари борми?
— Чўтал яхши тушиб турибдими? — деди Кесакполвон шуларни хаёлидан ўтказиб.
— Ёмон эмас.
— Сен фақат мен билан салом-алик қиласан, — деди Кесакполвон амр оҳангида.
— Гап йўқ, акахон, дилимдагини айтдингиз, — деди йигит итоат билан. — Бирпас қоласизми?
— Қоламан. — Кесакполвон шундай деб итга қаради.
— Унга қўйманг...
— Худди шунга қўяман, — деди Кесакполвон ўжарлик билан. — Таваккал: ё чикка, ё пукка. Сен ишингни билиб қилавер. Ҳозир келаман.

Кесакполвон ташландиқ боғ четида турган машинасига бориб пиёлага тўлдириб коняк қуйди-да, симирди. Қақшай бошлаган баданига роҳат югурди.

Ярим соат ичида бу ер гавжумлашди. Таъбир жоиз бўлса, «иш куни» бошланди. Сомсачилар, ҳасипчилар буғ ўрлаб турган тоғораларини қўйдилар. Кабобчилар қўраларини ўрнатдилар. Эски, пачоқ «Запорожетс»нинг юкхонаси очилди. Бутун мамлакат бўйлаб ичкиликка қарши кураш кетаётган дамда юкхонага терилган ароқ-конякларни кўз-кўз қилиш — қаҳрамонлик намунаси эди. Агар бирон киши келиб, «Сен партия қарорларини нега бузяпсан?» деса у бамайлихотир равишда «Бу ер партияга қарамайди, партиянгнинг қарори кўчанинг нарига бетида ўтади», дейиши мумкин. Агар даъвогар одам юқори идоралар номини ўртага қўйиб дағ-даға қилса, чораси осон — оғзи битта, нари борса иккита шиша билан ёпилади. Шунда ҳам кўнмаса, у ҳолда Ҳосилбойваччанинг йигити билан икки оғиз «ширин суҳбат» қуради.

Сомсачига, ҳасипчига, ароқчига, хуллас, ҳаммасига фақат шу йигитнинг сўзи ўтади. Томоша тамом бўлгач, ҳаммалари у билан бир-бир сўрашиб, валинеъматлик қилаётгани учун миннатдорлик билдирадилар. Даромад мўмайроқ бўлган кунлари «отамсиз» дейишдан қайтмайдиганлар ҳам бор. Бугунги даромад ҳақида башорат қилишга ҳали эрта, лекин бир нарса аниқ — саломлашиш чоғида йигит уларга хўжайин ўзгарганини, шу боис «нарх-наво» ошганини маълум қилади. Улар норозиликларини ичларига ютганлари ҳолда, шодиёналик белгиси сифатида яна юз сўмдан «суюнчи» чўзадилар.

Кесакполвон яна бир пиёлани бўшатгач, сомсачига яқинлашганда йигит пайдо бўлди.
— Закказ сомса, келинг ока, ғичча ёғ ейсиз, — деди сомсачи.

Кесакполвон у узатган сомсани олмоқчи эди, йигит уни нари бошлади.
— Бундан олманг, «оқ қўй»нинг ёғи ҳаммаси. Ҳасип ея қолинг.
— «Оқ қўй»ники бўлса зўр-да, қонни кўпиртиради,— деди Кесакполвон.
— Қўйинг, акахон, ҳасипдан енг, эгнингизга шим битиб бунақасини емагансиз, — йигит тенгдошларига айтиб юрадиган ҳазилини янги хўжасига беихтиёр айтиб юборди-ю, чўчиб, тилини тишлади. Унинг бахтига Кесакполвон бу оғир ҳазилга эътибор бермади. Тўғри, бир ғижинди, аммо «Майли ўзини менга яқин олгиси келяпти. Яқин бўлаверсин, фойдаси тегади», деган фикр билан жавоб қайтармади.

Ҳасип олинди, ейилди. Ҳасипчи улардан пул умид ҳам қилмади.

Улар тамадди қилиб бўлгунларича майдон атрофи одамлар билан тўлди. Эски «Запорожетс» атрофи, сомсачию ҳасипчилар атрофи ҳам гавжумлашди. Бири-биридан баҳайбатроқ итлар олиб келинди. Бунда ит уруштиришга ишқивозлар ҳам, шу баҳонада маишат қилиб кетадиганлар ҳам бор эди.

Бир соатча олдин муҳим масала ҳал этилган жойда энди итлар ўз муносабатларини ойдинлаштиришлари лозим эди.

Жангларнинг кўпини кўрган тажрибали итлар рақибларига беписанд қараб эснаб қўядилар. Айримлари бетоқатланадилар. Бу майдонга энди келган итлар эса занжирларини узгудек бўлиб силтаниб, вовуллайдилар. Жанг кўрган итлар эса уларга жавоб қайтармайдилар, аксинча «Ўпкангни бос», дегандек қараб қўядилар.

Одамларнинг тайёргарлик ишлари — яъни, ким қайси итга қанча пул қўйиши аниқ бўлгач, ўртага даврабоши чиқди:
— Аҳмадбойникига ким қўяди? — деди у баланд овоз билан. Сўнг изоҳ тариқасида қўшиб қўйди: — «Чемпион»га ким қўяди?

Томошабинлар «Ўтган йилнинг зўри ҳисобланган «Чемпион ит»га ким қўяр экан?» деган мазмунда ўзаро баҳс бошладилар. Баҳслар ниҳоясига етмай туриб, ўртага Кесакполвонга маъқул бўлган итни етаклаб чиқишди. Сўнг майдонда «Чемпион» кўринди. У айтарли баҳайбат эмасди, силтанмасди, вовулламасди. Бўйинбоғи занжирдан эмас, оддий арқондан эди. У рақибига қараб «Важоҳатинг зўр-ку? Лекин мен сендай пўкларнинг кўпини кўрганман», дегандай ўтириб олди. Унинг бу қилиғи баъзи томошабинларга ёқиб, баъзиларига ёқмай қийқириб, ҳуштакбозликни бошлаб юбордилар.

Даврабоши ишора қилгач, аввал «Чемпион»нинг бўйинбоғи, кейин рақибнинг занжири ечилди. У ўлжасини бир сонияда янчиб ташлаш мақсадида югурди. «Чемпион» эса жойидан жилмади. Фақат рақиби яқинлашганда чаққонлик билан ўзини четга олди. Ўзини тўхтатолмаган рақиби гангиб йиқилгач, бир сакрашда бўйнидан тишлаб, булғалай бошлади. Баҳайбат итнинг эгаси келиб, уни ажратмоқчи бўлди. Тамошабинлар норозилик билан «Қоч, қўйиб бер!» деб бақирдилар. Ўртада Ҳосилбойваччанинг йигити пайдо бўлгач, «Чемпион»нинг эгаси итини ажратиб олди. Бундай ҳол бир неча марта такрорланди. Бундан «Чемпион» чарчадими ё орага ғирром аралашганини сезиб урушгиси келмай қолдими, ҳарҳолда сўнгги сафар сергаклигини йўқотди — рақиби унинг нақ жағидан тишлашга улгурди. «Чемпион»нинг эгаси итини ажратиб, мағлуб бўлганини маълум қилгач, норози хитоблар кучайди. «Чемпион»га ишониб пул тикиб, энди ютқизган ишқибозлар ит эгасини баралла сўка кетдилар. Ит эгаси атрофга хавотир билан аланглаб қўйиб, «Чемпион»ни — энди собиқ чемпионни етаклаб даврадан чиқди. Шу чиқиш асносида бир-икки мушт, орқасига бир-икки тепки еса-да, бошини хам қилганича жим кетаверди. Катта тикканлар ўйинга ким аралашганини англаб индамадилар. Бўлмаса ит эгаси бир-икки тепки билан қутулмас эди.

Кесакполвон ихтиёр қилган эди, бу ернинг қоидаларини ҳам ўзгартириб юборди. Агар унинг хоҳиши билан баҳайбат ит ўрнига лайча қўйилганида ҳам «Чемпион»ни ютарди. «Чемпион»нинг орқасида турган катта кучлар шунда ҳам дамларини ичларига ютиб қолаверар эдилар. Кесакполвон бу ҳолатдан мамнун бўлди. Бир неча соат илгари кўнглини босган ғубор бир оз тарқади.

Машинасига ўтираётганида йигит келиб чўнтагига бир даста пул солди.
— Керакмас, — деди Кесакполвон, — бугунги даромадинг — ўзингники.
— Бу даромадмас, акахон, ҳаппаи ҳалол ўзингизнинг ютуғингиз.
— Бу жой ўзингники, биров ғинг деса — менга айтасан.
— Раҳмат, акахон.
— Отинг нима?
— Рамз.
— Бўпти, ишингни қилавер.

Машина узоқлашгунга қадар ҳам Рамз қўл қовуштириб турди.

Avvalgi
I- qism
 



  1. Мазмуни будир: «Одамлар орасида ўзи билмаган ҳолида Оллоҳ хусусида мужодала қиладиган ва ҳар бир итоатсиз шайтонга эргашиб кетаверадиган кимсалар ҳам бордир. У (шайтонга эса) ўзини дўст тутган кимсани, албатта, йўлдан оздириш ва дўзах азобига йўллаш ёзиб қўйилган — ҳукм қилингандир».
  2. «Эй жиноятчи кимсалар, мана бу кунда (мўъминлардан) ажралинглар! Мен сизларга: «Эй Одам болалари, шайтонга ибодат қилмангиз, чунки у сизларга очиқ душмандир. Менгагина ибодат қилинглар! Мана шу тўғри йўлдир», деб буюрмаганмидим? Аниқки, (шайтон) сизларнинг ичингиздан кўп авлодни йўлдан оздирди. Ахир ақл юритгувчи бўлмадингизларми?! Сизларга ваъда қилинган жаҳаннам мана шудир!
  3. Маъноси будир: «Агар бирортангизга неъматлар кетма-кет келаверса, бас, ул киши ўз ҳолиға йиғласин. Чунки у яхши одамлар йўлидан юрмаётган экан».
  4. Мазмун будир: «Дарҳақиқат инсон ўзини бой-беҳожат кўргач, албатта туғёнга тушар ё ҳаддидан ошар». («Алақ» сураси, 6-7-оятлар. Алоуддин Мансурнинг маъно таржимасидан.)