OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

5 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифТоҳир Малик
Асар номиШайтанат (III- китоб, II- қисм)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Криминал беллетристика
Муаллифлар
   - Тоҳир Малик
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Китоблар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм381KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/12/03
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Шайтанат (III- китоб, II- қисм)
Тоҳир Малик

IX боб

1

Қора хотин ўша кеч бошқа кўринмади.

Зайнаб онаси билан гаплашиб бўлгач ҳам гўшакни анча маҳалгача жойига қўймай ушлаб турди. Даҳшатли, хунук манзаралар чекиниб, кўз олдида онасининг маъсума узори пайдо бўлди. Хаёли кўзгусида гавдаланган онаси унга узоқ тикилди. Сўнг сиртмоққа айланган, бир ширин жонни олмоққа шайланган арқонга қўл узатди:
— Ташла буни, қизим... бу нима қилганинг?
— Ойижон, энди мен чидолмайман.
— Ундай дема, болам, мени ўйламасанг ҳам Худодан қўрқ. Худо кечирмайди бу гуноҳингни...
— Худо нима учун мени бу азобга солди? Балки менинг ўлимимни Худонинг ўзи истаётгандир? Ҳа... хоҳлаяпти... «Ота рози — Худо рози», дейишади-ку? Арқонни адам ташлаб кетдилар. Адамлардан хафа эмасман. Тўғри йўлни кўрсатдилар.

Манзура жавоб бермай, ерга қаради. Агар бу суҳбат Зайнабнинг хаёлида, ғойибда эмас, ҳақиқатда, юзма-юз равишда содир бўлгандами эди. Манзура қизининг айтганларига раддия билдирарди. Манзура гарчи бу масаладаги шариат йўриғини билмаса-да, Тангри бандаларига бундай ўлимни раво кўрмаслигини тушунтиришга ҳаракат қиларди.

Ҳозир эса Зайнаб бу масалани англамагани учун ҳам хаёлидаги суҳбатда онасидан жавоб ололмади. Ўз фикрини тўғри, деб ҳисоб қилди.
— Ойижон, аёллар нима учун яшайди ўзи бу дунёда? Хор бўлиб умр кечириш, кейин хор бўлиб ўлиб кетиш учунми? Сиз нима кўрдингиз? Сиз учун бу дунёнинг роҳати нимада?

Бу савол юзма-юз ҳолатда берилганида Манзура ҳеч иккиланмай «Менинг роҳатим — сиз, Худо берган фарзандларим», деган бўларди. Бу дунёда аёл зоти учун Оллоҳнинг энг улуғ марҳаматларидан бири — фарзанд эканини Зайнаб ҳали тўла англаб етмайди. Агар боласи нобуд бўлмай, уни бағрига боса олганида эди, чақалоқ маммасига талпинганида эди, бу роҳатни, бу улуғ бахтни ҳис этган бўларди. Ҳозир бу ҳисга бегоналиги учун онасининг бахти нимада эканини ҳам аниқ билмайди. Билмагани учун ҳам хаёлидаги саволга жавоб ололмайди.

Бир неча сониялик сукутдан сўнг кўз олдидаги онасининг сурати яна тилга кириб, энди ўзига ҳуш ёқадиган сўзларни айтди:
— Сен болалигингда Кумуш бўлишни орзу қилар эдинг.
— Орзу қилардим, ойижон...
— Кумуш заҳарланган эди-ку, шуни ўйламабмидинг?
— Ҳа... заҳарланган эди...
— Ўзбек ойим қора кийган эди-ку...
— Ҳа, қора кийган эди...
— Заҳарланган Кумуш қайта тирилар, деб ўйладингми?
— Ўйладим, ойижон...
— Ўзбек ойим қора либосини ташлайди, мотам кунлари тугади, деб хаёл қилдингми?
— Хаёл қилдим, ойи...
— Адашдинг, қизим, Кумуш заҳарланган...
— Заҳарланган ойи, менимча, дунёдаги жаъмики пок нарсалар заҳарланган. Энди энг тўғри йўл — сиртмоқ...
— Жон қизим, мени тириклайин ўтга ташлама...
— Сизни ўйласам... бу ўтда ўзим ёнишим керак...
— Жон қизим...
— Ойижон, балки бу дунё менсиз гўзал бўлиб кетар?
— Ундай дема, қизим... Сенсиз дунё мен учун бир харобазорга айланади. Менинг шу харобазорда хор бўлиб ўлишимни истайсанми?
— Ойижон, бир китобда ўқиганман. Ўлим — бу дунёнинг энг улуғ мукофоти бўлиши мумкин экан. Мен шу мукофотга лойиқман-ку?..
— Йўқ, қизим...

Шу онда, ҳеч кутилмаганда дарвоза эшиги тарақлаб очилди.
— Зайнаб!

Аввалига чўчиб тушган Зайнаб отасининг овозини эшитиб, қулоқларига ишонмади. Ичкари югуриб кириб, ҳовли ўртасида тўхтаган Асадбекни кўриб, кўзларига инонмади. Бир қўлида гўшак, бир қўлида сиртмоқли арқон ушлаганича қотиб тураверди.
— Зайнаб!!

Асадбек атрофига олазарак боқди. Ҳовлида одам ўзини осиши мумкин бўлган дарахтлар, айвон панжараларининг бўшлиги кўнглини бир оз тинчлантирса-да, хавотири чекинмади.
— Зайнаб!!!

Бу сафар жавоб кутмай, уй томон илдам юрди. Даҳлизда тўхтамади. Аввал ётоқхона эшигини очди. Кейин меҳмонхона эшигини очди-ю, тош қотди.

Ота-бола бир-бирларига боққанларича бир неча нафас турдилар. Асадбек кўраётгани рўё эмаслигига, қизи тирик ҳолда турганига ишонч ҳосил қилгач, оғир қадамлар билан ичкари кирди. Қизининг қўлидаги арқонни енгил силтаб олди-да, билагига ўради.

Зайнаб ҳукм бекор қилинганини англади. Аммо ниманинг эвазига марҳамат қилинганини билмади. У отасидаги фарзандга бўлган меҳр номус кучидан ҳам аълороқ эканини билмас, буни фаҳм ҳам эта олмас эди. Зайнабнинг назарида отаси унга ўлимни раво кўрганида минг марта ҳақли эди. Энди эса... ҳукм бекор бўлди. Энди отасига қайси бет билан рўпара келади? Ўз кўзи билан кўрмаганида ҳам, бировдан эшитганида ҳам майли эди... Зайнаб отасининг ҳаммомдаги манзарани ҳам кўрганини билмайди. Билсами...

Агар қизини эркалаб катта қилган Кесакполвон шу вазиятга тушганида ҳам фарзандини, ҳам ўзини овутадиган гапларни айтишга ҳаракат қилган бўларди. Бундай гапларни тополмаган тақдирда «Ҳаммасининг уруғини қуритаман. Сен ранжима, ўтган ишга — салавот» деб қўярди. «Ҳаммасининг уруғини қуритиш» аҳди Асадбекда ҳам бор. Қизини овутиш истаги ҳам мавжуд. Лекин у шу пайтгача аҳдини овоза қилмаган, шу пайтгача қизини эркаламаган, ранжитганида эса овутмаган.

Агар Зайнабнинг ўрнида Кесакполвоннинг қизи бўлганида отасининг елкасига осилиб ўкраб йиғларди, тавбалар қиларди, айбдорларни «оғзиларингдан қонларинг келси-ин», деб қарғармиди... Лекин Зайнаб бошқа... У отаси билан сира ўпишиб кўришмаган, ўпишиб хайрлашмаган. Бўйи етиб қолганидан сўнг отасига эркалик қилганини ҳам эсламайди.

Ҳар қанча эркалиги, ҳар қанча инжиқлиги бўлса онасига қиларди. Онаси кўтарарди.

Ҳозир Манзуранинг йўқлиги Зайнабга ҳам, Асадбекка ҳам билинди. Индамайгина уй ишлари билан машғул юрувчи бу маъсуманинг ўрни сезилди. Манзура иккови ҳам суянадиган тоғ экан. Тоғ ўрнидан жилиб, иккови ҳам йиқилиш хавфида тебраниб қолди. Яратганнинг қудратини қарангки, айни чоғда уч қалб ҳамоҳанг равишда безовта тепарди. Узоқ Олмон еридаги беҳаловат юрак бу хонадаги икки пораланган дил орасида воситачи эди. Бу икки қалбнинг фарёдини Манзуранинг юраги эшитарди. Аммо оралиқ масофа уни чорасизлик жари нарёғида ушлаб турарди. Диллар сўзламоқ имконига эга бўлганларидами эди, бу ондаги нолалардан замин эриб кетарми эди.

Болалиги, ёшлигида қалб нолаларидан чарчаган Асадбек бир неча сана роҳат булоғидан сув ичди. Кўпдан бери ноланинг аччиқ сувидан тотиб кўрмаган эди. У бошқа қалбларнинг нолаларини эшитмасди.

Аниқроғи, тинглашни хоҳламас эди. Ҳозир, ўзи азоб чекиб турган пайтда «Мен қанча одамларни шу дардга гирифтор этдим. Қанча одам шу дард билан бу дунёни тарк этиб кетди», деб ўйламади. Айни дамда қизини тирик кўриб Тангрига шукур ҳам қилмади. Изига қайтаётганида — хаёлан минг бир кўчага кириб чиқар чоғида Худони эслаган эди. Қизини тирик кўрган тақдирда унга айтадиган гапларини хаёлида пишитган эди. Остона ҳатлаб, бир қўлида сиртмоқ, бир қўлида телефон гўшагини ушлаб турган қизини кўргани замон ҳаммасини унутди. Нимадир демоқчи бўлди — гапиролмади. Тили шишиб, оғзини тўлдириб тургандай қимирламади.

Отасининг қайтишини сира кутмаган, йўқлик дунёси сари учишга ҳозирланаётган Зайнаб ҳам бир нима демоққа ожиз эди. Аммо бу жонсиз сукунат узоқ давом этиши мумкин эмасди. Зайнаб отасининг кўзларига боқишга ботинмаган ҳолда, ерга қараганича:
— Ойим телпон қилдилар, — деди.

Унинг пичирлаб айтган гаплари Асадбекнинг қулоғига «Ада, мен тирикман!» деган маънода жаранглаб урилиб, бир сесканди. Шу гапдан кейингина «Хайрият, Худога шукр», деб қўйди.

Сўнг:
— Юр уйга, — деди. Унинг овозида амр эмас, узрли ялиниш оҳанги бор эди. Зайнаб учун бу оҳанг мутлақо янгилик эди. Отасига бир қараб олиб, гўшакни жойига илди. Асадбек қизини овутиш учун нимадир дейишга ўзида мажбурият сезди. Ўша «ниманидир»ни айтди:
— Мен ҳаммасининг қонини ичаман.

Бу сўзларни Асадбекка хос оҳангда айтди. Бу аҳдни эшитган Зайнаб ялт этиб отасига қаради.
— Йўқ, ўлдирманг, — деди. Сўнг овозини бир парда кўтарган ҳолда изоҳ берди: — Ўлим улар учун халоскор...

Асадбек қизининг гапидан ажабланди. Тўғрироғи, титроқ овознинг оҳанги у учун янгилик бўлди. Зайнабнинг кейинги аҳди эса уни янада ҳайрон қолдирди:
— Уларни ўзимга қўйиб беринг!

Ким айтяпти бу гапларни? Маъсума қизими? Бу қандай аҳд? Бир неча дақиқалик алам тутуними ёинки қасос ўтими? Асадбек «Нима қилмоқчисан?» деб сўрамади. Қизининг аҳди унга шунчаки алам тутуни бўлиб туюлди. У бир неча дақиқа муқаддам бу уйда покиза Кумуш осилганидан бехабар, Зайнаб ўзини эмас, дилидаги Кумушни, унга қўшиб ишончини, гардсиз эътиқодини осганини билмас эди. Буни ҳис ҳам қилолмасди. Чунки қизининг руҳий олами ота учун бегона эди. Кумуш осилгач, бу хонада бошқа Зайнаб дунёга келди. Иблис унинг қалбидаги сурурни сиқиб чиқариб, зулм нафасини уфурди. Ҳаётнинг шафқатсиз панжалари олдида Зайнабнинг туйғулари, умидлари таслим бўлди. Шўр ерда сунбул битмаганидек, ёвузлик оламига умид уруғини экиб бўлмайди. Зайнаб бунга энди узил-кесил ишонди.
— Уларни ўзимга қўйиб беринг!

Такрор айтилган бу гапда энди қатъийлик зуҳур эди.
— Юр уйга, — деди Асадбек остона сари чекиниб.
— Уларни менга қўйиб берасиз, а?

Асадбек «Бу қизларнинг иши эмас», демоқчи бўлди-ю, қизининг шаштини қайтаришдан ўзини тийди. Бош ирғаб, тасдиқ ишорасини қилгач, даҳлизга, ундан ҳовлига чиқди. Зулм либосини ўзига маъқул кўрган Зайнаб отасига эргашди.

2

Зайнабнинг назарида ичига бир неча илон кириб олиб буралаётгандай эди. Ўқчиқ уни тамоман ҳолдан тойдирди. Азоб исканжасида бўлганида Мардона кўзига яна фариштадай кўринди. Ҳатто бир неча марта телефон гўшагини кўтармоқчи бўлди. Аммо ўзини тезда қўлга олди. Мардонага нисбатан уйғонган нафрат ва зулм ўти азоб оташидан устун келди.

Ўзи билан ўзи олишиб ётган дамда Чувринди кириб келди. Отасининг яқин аъёнига нимага муҳтож эканини айта қолса масала ҳал эди. Бироқ, у айтмади. Бу дардни енгмоқлик аҳди бор эди, бу аҳдига хиёнат қилмади. Тишини тишига қўйиб, инграганича қолаверди. У Чувриндининг ёмон хабар билан келганини сезмади. Дард хуружидан холи бўлганида Маҳмуд акасининг кўзига қарабоқ нохушлик юз берганини англармиди...

Орадан қанча фурсат ўтганини билмади. Ичидаги «илон»ларнинг навбатдаги қўзғалишидан сўнг кўзини очиб қараса — бир аёл ўтирибди. Аввалига уни кейинги кунларда таъқиб этаётган қора хотин деб ўйлади. Кейин фикри бир оз равшанлашиб, Чувриндининг хотинини таниди. Кўришмоқ учун ўрнидан қўзғалмоқчи бўлди.
— Асти уринманг, қоқиндиқ. Кўзикканга ўхшайсиз, — у шундай деб эснади. — Вой ўлсин-эй, қайси бетамизнинг кўзи теккан экан? Суқ дегани ёмон нарса-да. Бу атрофда кинначи йўқмикин?
— Билмадим... йўқ бўлса керак.
— Тўхтанг, бўлмаса... — у шундай деб ошхонага чиқди-да, дам ўтмай гугурт қутисини кўтариб кирди. Сўнг қутини Зайнабнинг пешоналарига, кўкрагига босиб, ўзича кинна солди. Кейин учта чўпни чиқариб ёқди-да, Зайнабнинг боши узра айлантириб, оғзига яқин тутди: — Пуфлаб ўчиринг, қоқиндиқ. Ана энди туринг.

У Зайнабни ҳовлига бошлаб чиқиб, ўрик дарахтига яқинлашди.
— Шу дарахтни маҳкам қучоқланг. «Худо, дардимни ол!» денг.

Зайнаб итоат билан амрни бажарди.
— Дардингиз шу дарахт орқали ерга ўтиб кетади. Ана, анча енгиллашдингизми?

Ишонч билан айтилган бу гапдан сўнг чиндан ҳам бир оз енгиллашгандай бўлди.

Уйга киргач, бир оз гаплашиб ҳам ўтирди. Уларнинг суҳбатларини телефон жиринги бузди. Зайнаб бемажол қўли билан гўшакни кўтариб қулоғига тутди-да, хаста овозда «алё», деди. Қўнғироқ қилувчининг овозини эшитгач, бир титради-ю, гўшакни қўлидан тушириб юборди.
— Вой қоқиндиқ, нима бўлди? — деди Чувриндининг хотини жон ҳолатда.

Зайнаб жавоб бермади. Лаблари титраб, гапиролмади. Чувриндининг хотини гўшакни қулоғига тутиб:
— Алё, кимсиз, нима гапингиз бор? — деди. Қисқа ду-дудутлашни эшитиб, гўшакка пуфлади. Ҳар эҳтимолга қарши: — Гапиринг, — деди-ю, сўнг гўшакни жойига илди, — Зайнабхон, ким экан, нима деди?
— Элчин акамни...
— Нима бўпти?
— Кимдир отиб кетибди.
— Вой ўлмасам... — У шундай деб бир оз гангиб турди-да, кейин телефон гўшагини кўтариб, уйига қўнғироқ қилди. Ўғлидан «Аданг келдиларми?» деб сўради. «Йўқ», деган жавобни эшитгач, Асадбекнинг болохонасидаги йигитларга қўнғироқ қилиб, уларга «янгилик»ни билдирди. «Акангизни қаердан бўлса ҳам топинг», деб топширди.

Зайнаб итоат билан амрни бажарди.
— Дардингиз шу дарахт орқали ерга ўтиб кетади. Ана, анча енгиллашдингизми?

Ишонч билан айтилган бу гапдан сўнг чиндан ҳам бир оз енгиллашгандай бўлди.

Уйга киргач, бир оз гаплашиб ҳам ўтирди. Уларнинг суҳбатларини телефон жиринги бузди. Зайнаб бемажол қўли билан гўшакни кўтариб қулоғига тутди-да, хаста овозда «алё», деди. Қўнғироқ қилувчининг овозини эшитгач, бир титради-ю, гўшакни қўлидан тушириб юборди.
— Вой қоқиндиқ, нима бўлди? — деди Чувриндининг хотини жон ҳолатда.

Зайнаб жавоб бермади. Лаблари титраб, гапиролмади. Чувриндининг хотини гўшакни қулоғига тутиб:
— Алё, кимсиз, нима гапингиз бор? — деди. Қисқа ду-дудутлашни эшитиб, гўшакка пуфлади. Ҳар эҳтимолга қарши: — Гапиринг, — деди-ю, сўнг гўшакни жойига илди, — Зайнабхон, ким экан, нима деди?
— Элчин акамни...
— Нима бўпти?
— Кимдир отиб кетибди.
— Вой ўлмасам... — У шундай деб бир оз гангиб турди-да, кейин телефон гўшагини кўтариб, уйига қўнғироқ қилди. Ўғлидан «Аданг келдиларми?» деб сўради. «Йўқ», деган жавобни эшитгач, Асадбекнинг болохонасидаги йигитларга қўнғироқ қилиб, уларга «янгилик»ни билдирди. «Акангизни қаердан бўлса ҳам топинг», деб топширди.

Нохуш хабар Зайнабнинг ичидаги илонларни яна уйғотиб, ҳаракатга келтирди. Азобга чидай олмай, ғужанак бўлиб олди. Хотин нима қилишини билмай ҳайрон турганида эри кириб келди. Чувринди хотинининг «ваҳимали» хабарини хотиржам тарзда эшитиб, Зайнабга аччиқ-аччиқ фамил чой беришни тайинлади-да, чиқиб кетди. Шу кетганича эрталаб табибни бошлаб келди.

Сочлари жингалак, ранги оқ-сариққа мойил, кўзлари ўткир боқувчи табиб йигит «Нима гап? Қаерингиз оғрияпти?» деб ҳам ўтирмай аввал Зайнабнинг икки кафтини кўрди, тирноқларини оҳиста эзди, сўнг билак томирини ушлаб, бошини қуйи эгганича, ниманидир зийраклик билан тинглаётгандай жим қолди. Икки дақиқа шундай ўтириб, сўнг тилга кирди:
— Яқинда фарзандлари нобуд бўлибди.

Бу гапни эшитиб, эр-хотин бир-бирларига ажабланган ҳолда қараб қўйишди. Чувринди табибга бу ҳақда гапирмаган эди, шу сабабли ҳам ҳайратланди. Ўзича «Буни бекорга мақташмаган экан», деб қўйди.
— Юрак чарчабди, — деб давом қилди табиб, — қонга бегона моддалар аралашган. Аммо... кўп эмас, хавотирли жойи йўқ. Яқинда бошлабдилар. Қонни тозалаш мумкин.

Табиб қўйган ташхис Чувриндига маъқул тушди. «Бек акамни ҳам шунга кўрсатсам бўлар экан», деб ўйлади. Табиб сумкасини очиб ундаги халтачалардан бир чимдим-бир чимдим қуритилган гиёҳлар олиб, қоғоз устига тўкди-да, Чувриндининг хотинига узатди.
— Янга, шуни уч литрли сувда қайнатиб, сўнг дамлаб қўйинг. Кейин сузиб, юз граммдан тўрт маҳал ичирасиз. Бугун-эрта дард қўзғалади. Учинчи куни оғриқ пасайиб, йўқ бўлади. Сут-қатиқ бермай турасиз,— шундай дегач, Зайнабга ўгирилди: — Қани, синглим, туринг-чи...

Зайнаб зўрға ўрнидан туриб, табиб кўрсатган курсига ўтирди. Орқа томонда турган табибнинг нима қилаётганини билмади, аммо елкалари қизий бошлаганини сезди. Дам ўтмай, бутун бадани қизиди. Худди ёз чилласида қуёш нурига орқа қилиб ўтирган каби терлай бошлади. Шу алпозда оғриқдан халос бўлаётгандай туюлди. Табибнинг «Енгиллашдингизми?» деган саволини эшитиб, бош ирғаб тасдиқ ишорасини қилди. Кейин табибнинг амри билан жойига ётди. Табиб чаккаларига, билакларига, кўкракларига соч толасидай ингичка тилла игналар қадагач, янада енгиллашиб, уйқуга кетганини ўзи ҳам сезмай қолди. Уйғонгач, Чувриндининг хотини бир пиёладаги тахир ичимликни ичирди. Кўнгли бир ағдарилиб ўқчиди, аммо қайт қилмади.
— Акангиз касалхонага бориб келибдилар. Элчин акангиз анча тузук эканлар. Хавотир олманг. Сал тузалиб олинг, кейин кўргани борамиз. Акангиз «Бир-икки кунда тузалиб, чиқиб қолади», дейдилар. Яралари енгил экан.

Чувринди унга бундай демаган эди, Зайнабни тинчлантириш учун ўзидан қўшди.

Ана шу пайтда икки нотаниш одам келиб, ўзларини «Милитсияданмиз», деб таништиришгач, Зайнабни сўроққа тутишди. Зайнаб ўзини енгилроқ ҳис қилгани билан, боши гаранг эди. Шу боис уларнинг саволларига қисқагина қилиб, «Ҳа», «Йўқ» ёки «Билмайман», деб жавоб қилди. Улар Элчиннинг кеча соат нечада чиқиб кетгани, душманлари бор ёки йўқ экани билан кўпроқ қизиқишди. Биттаси «Уйдан машинада чиққанмидилар ё машинасизми?» деб сўраганида дарров жавоб бера олмади. Шу саволдан сўнг фикр олами сал ёришгандай бўлди. Эрининг машинасиз кетгани аниқ ёдида. У «Уста келади, машинани устахонага олиб борамиз», деб кутиб ўтирганида телефон жиринглаган эди. Ким биландир гаплашиб, «Хўп», деди-ю кийимларини алмаштирди. Кейин «Уста келса, калитни бер, устахонага ўзи олиб бораверсин», деди. Калитни... телевизор устига қўйди...

Зайнаб шуни эслаб, телевизор томонга қараб олди: калит жойида турибди! Зайнаб эрталаб дарвозахонада машина йўқлигини билиб, «Уста қачон келибди?» деб ўйлаган эди. Ҳозир эса «Калитсиз машинани ким ҳайдаб чиқибди?» деб ўйлади. Кейин... энг муҳимини эслади: Элчин чиқар маҳалида «Аданг чақираётганмишлар, бориб келай-чи...» деган эди! Зайнабнинг хаёлига «Адам?!» деган фикр чақмоқ ўти каби бир урилди-ю, аммо дарров сўнди. «Йўқ, — деди у ўзига ўзи, — нега энди... Йўқ, бўлмаган гап!»

Зайнабга тикилиб турган икки жуфт кўзлардан бири унинг телевизор томон қараб қўйганини сезди. У ҳам қаради — шода калитни кўрди. Аммо сир бой бермай яна сўради:
— Эслай олмаяпсизми?

Берилган саволни унутиб, хаёлнинг бошқа қоронғу кўчаларига кириб тентирай бошлаган Зайнаб унга ажабланиб қаради:
— Нимани?
— Мен сизга савол бердим: эрингиз машинада чиқдими ё пиёда кетдими?
— Нега энди пиёда кетарканлар?
— Мен ҳам шуни сўраяпман. Аниқ айтинг.
— Мошинада кетганлар.
— Биз уйингизни бир қараб чиқишимиз керак. Мана, прокурорнинг рухсатномаси, — сўроқ қилаётганларнинг бири чўнтагидан тўрт буклоғлик қоғоз чиқариб, узатди.

Зайнаб қоғозга қараб қўйди-ю, қўлига олмади:
— Нега? — деди ҳайрат билан.
— Қоидамиз шунақа: бир қараб чиқишимиз керак. Гувоҳлик учун иккита қўшнингизни ҳам чақирамиз.

Бу гапдан кейин Зайнаб янгасига қаради. Чувриндининг хотини суҳбатга аралашмоғи лозим эканини фаҳмлади:
— Қоидангиз қизиқ экан-ку?! Отган одамни қидирмай, отилган одамнинг уйини титасизларми?
— Сиз ўзи ким бўласиз? — деди терговчилардан бири, ғаши келганини яширмай.
— Мен кеннайилариман. Ҳозир акаларини чақираман. Ўша киши билан гаплашасиз. Рухсат берсалар тинтийсиз, бўлмаса йўқ.
— Биз рухсатни акаларидан эмас, прокурордан оламиз.
— Прокурорингиз ишхонангизда прокурор. Бу уйнинг прокурори бошқа, — у шундай деб телефон гўшагини кўтарди-да, Асадбекнинг болохонасида ўтирган йигитларга қўнғироқ қилди: — Алло, Асадбек аканинг уйларими? Бек акангизга айтинг, қизлариникига милиса келиб ўтирибди. Ўзлари келмасалар ҳам Маҳмуджон акангиз тезда етиб келсинлар.

Гўшакни жойига қўйгач, гапларим буларга таъсир қилдими ё йўқми, деб уларга қараб қўйди.

Улар кимнинг уйига келишаётганини билишган эди. Тинтув ҳақида топшириқ берувчи «Қаршилик қилишса қаттиқ турманглар», деб вазифани осонлаштирган эди. Ҳозир Асадбекка хабар кетганида улар бир-бирларига «Нима қилдик?» деган маънода қараб олдилар.
— Яхши, акаларини кутсак кутармиз, — деди улардан бири, сир бой бермай. — Ташқарига чиқиб турамиз.

Улар чиқишгач, Зайнаб ўрнидан туриб телевизорга яқинлашди-да, калит шодасини қўлига олди. Калитлар худди қизиб тургандай, кафтини куйдиргандай бўлди. Шу боис шошиб, калитларни чўнтагига солди.

Кўп фурсат ўтмай, ҳовлида Чувринди кўринди. Кутилмаган меҳмонлар билан нима ҳақдадир суҳбатлашди. Кейин изн берди шекилли, улар ҳовлини айланиб, ошхонага, ҳожатхонага бир-бир мўралаб, «тинтув» қилишгач, изларига қайтишди.

3

Зайнаб бу воқеани ҳам, ўша хотиннинг гапларини ҳам унутиб юборган эди. Нечундир ҳозир эсига тушди. Қайсидир қариндошиникидами эди ё танишиникидами, ёдида йўқ, чарларида хотинлар даврасида эрларнинг бузуқлиги ҳақида гап қўзғалди. «Хотинлар ичмаса ҳам дастурхонни безаб туради» деган фикрда қўйилган шишаларнинг оғзи очилган, ундаги шайтон суви айрим аёллар қонини кўпиртирган, ҳаё пардалари йиртилиб, тил жилови узилган эди. Зайнаб ўшанда улардан нафратланиб чиқиб кетганди. Ҳозир эса улардан бирининг гаплари ёдига тушди.
— Эркак зотининг палаги бузуқ. Мана-ман дегани ҳам юради. Юрмаса... — У уятсиз сўзлар айтиб, хохолаб кулган, бу кулгуга бошқалар ҳам қийқириб қўшилишган, Зайнаб эса ғаши келиб, ўрнида бир қимирлаб олган эди.
— Поччам ҳам юрадиларми? — деб сўраган эди бир аёл.
— Юрмай ўлсинми? Ўйнашдан келганини шундай билиб тураман.
— Сиз ҳам биттасини топа қолмайсизми?
— Топаман. Лекин ҳозир эмас. Худо уни шол қилиб қўйсин. Онаси ўпмаган қулинг ўргилсин бир йигитни олиб келиб кўзининг олдида «қайтар дунё» қиламан-да!..

Шу гапдан кейин Зайнаб чиқиб кетган эди. Бир неча кун давомида «Ўз эрини шол бўлишини истаган хотин бунчалар аҳмоқ экан?» деб ўйлаб юрди. Гарчи Элчинни севмаса-да, гарчи Элчин унинг умид саройини вайрон этган бўлса-да, «ерим раққосалари билан маишат қилади», деган гумонда юрса-да, унинг шу каби нияти йўқ эди.

Тўғри, Элчин ярим тунда тўйдан қайтган кезлари уни ўзига яқинлаштиришни истамасди. Гарчи Элчин унга покиза эканини бир неча марта айтган бўлса-да, унинг бу гаплари Зайнабни маҳв этган гумон булутларини тарқатишга ожиз эди. Эрини биров отиб қўйганини эшитганда хаёлига келган биринчи фикр ҳам ўша гумон булутидан сув ичди: «Ўйнаш талашиб отгандир!..» Терговчи «Душманлари йўқмиди?» деб сўраганида шу гумонини айтиб юборишига салгина қолди.

Зайнаб, табиб айтганидай, бир кеча-кундуз ит азобини тортди. Кейин дори таъсир этиб, ичидаги «илон»-лар ўлдими ёки чалажон бўлиб, уйқуга кетдими, ҳарҳолда безовта қилмай қўйди. Иштаҳа кириб, ярим коса аччиқ мастава ичгач, пешонасида тер маржонлари пайдо бўлди. Шу кунлар ичи Зайнабнинг ёнидан жилмаган, Зайнаб тан азобини тортган маҳалда ўзи руҳ азобида қийналган Чувриндининг хотини яхшилик томон ўзгаришни сезиб, «Худога шукр» деб қўйди. Чувриндининг «Сал ўзига келса телпон қил, эрини кўришга борсин», деган гапини эслаб, Зайнабдан:
— Қоқиндиқ, би-ир баннисага бориб келмаймизми? — деб сўради. Уй бекасидан ижозат ишораси бўлгач, телефон гўшагини кўтариб Асадбекнинг болохонасидаги йигитларга мақсадларини баён қилди. Машина келгунига қадар ювиниб, тараниб олиш учун Зайнаб ўрнидан турди. Ҳаммомдаги тошойнада ўз аксини кўриб, ҳайратдан қотди.

Ким бу? Кўзлари киртайган, сочлари паҳмоқ, нигоҳида ҳаёт нишонаси бўлмиш — чўғ қолмаган, юзлари сомон рангини олган, кампирлик чегарасига яқинлашган бу аёл ким?

Наҳот шу аёл Зайнаб бўлса?! Ҳали йигирма бешга етмаган жувон деб ким айтади? Тим қора кўзларининг соқчилари бўлмиш узун киприклари камон ўқларига айланиб, севги ёғида қоврилаётган йигитлар қалбини вайрон қиларди, деса биров ишонармикин?

Узоқ эмас, бир йилгина муқаддам ўзини тошойнага солиб «Кумуш чиройли бўлганмикин ё менми?» деб ўйлаган, ўз Отабегига етишмоқни орзу қилган қиз шуми?

Қарашидаги сулувлик қани?

Наҳот, кўзларидаги сурур нурини зулм пардаси батамом тўсган бўлса? Наҳот бу парда умрининг сўнгига қадар ғолиб қолса?

Зайнаб «Шунчалик ўзгариб кетдимми?» деган ажабланиш билан тошойна олдида узоқ турди. Ювиниб чиққач, ётоғидаги тошойна қаршисига ўтириб сочларини таради. Зайнабнинг ҳуснига тўймай «Ўғлим каттароқ бўлганида шу қизни келин қилардим», деган армонда юрувчи Чувриндининг хотини ҳам ундаги ўзгаришни кўриб, «Бечорагина, сўлиб қолди-я...» деб ачинди.

Ҳамшира уларни аввалдан танигандай илиқ кутиб олиб, «Элчин ака бугун анча яхшилар», деганича узун даҳлиз бўйлаб юриб, йўл бошлади. Даҳлизнинг адоғидаги эшикка етишганида Чувриндининг хотини «Вой ўлмасам!» деб қўйди. Зайнаб «Нима бўлди?» дегандай унга қаради.
— Ёзувини ўқинг, вой ўлмасам...

Ўз хаёлларига банди бўлиб келаётган Зайнаб ёзувни ўқиди: «Ўликларни тирилтириш хонаси».

Ҳамшира аёлларнинг ажабланганини сезиб, кулимсираган ҳолда изоҳ берди:
— Бир куюнчак дўхтир акамиз борлар. Ҳамма ёзувларни ўзбекчалаштириб чиққанлар. «Реаниматсия»ни шунақа таржима қилибдилар. Сал қўполроғ-а? Кўпчиликка ғалати туюляпти.

Зайнаб ҳозир бу таржиманинг қўпол ёки тўғри эканини мулоҳаза қиладиган ҳолатда эмас эди. Шу боис «Эшикни очинг», дегандай ҳамширага қаради.

Ҳамшира «ўликларни тирилтириш хонаси» бекасига уларни рўпара қилиб, ўзи изига қайтди.

Бурнига найча уланган Элчин кўзлари юмуқ ҳолда ётарди. Унда ҳаёт нишонаси сезилмас эди.
— Кечаси ўзларига келдилар. Ҳозир яна уйқуга кетдилар. Кризис вақти ўтди шекилли.

Бу гапни эшитиб, Чувриндининг хотини:
— Ҳайрият-э, Худонинг ўзи сақласин-эй, — деб қўйди.

Зайнаб эса индамади.

«...Худо уни шол қилиб қўйсин. Онаси ўпмаган қулинг ўргилсин бир йигитни олиб келиб, «қайтар дунё» қиламан...»

Зайнаб унутиб юборган ўша воқеани, ўша хотиннинг гапларини шу дамда, ўзи учун ҳам кутилмаган бир ҳолда эслади. Эслади-ю, баданига муз югурди.

Рўпарада ётган, юзларидан қон қочган, бурнига ичакча уланган, кўринишидан тирикми ё ўлик экани билинмаётган одам — унинг тан маҳрами. Бир ёстиққа бош қўйганидан бери қалбини заррача бўлсин исита олмаган инсон. Энг муҳими...

Энг муҳими...

Бир йил муқаддам Зайнабнинг дунёси бир қўрғон каби эди. Бу қўрғонга ўзга кишиларнинг кирмоғи мумкин эмасди. Кириш нима экан, ҳатто мўралаб қарамоғига ҳам ижозат йўқ эди. Уни Элчин бузди. Яъжуж-маъжуж каби бостириб келди, бузди, топтади.

Авваллари бу қўрғонда меҳр ва умид гуллари парвариш этиларди. Энли бу гуллар қуриди. Энди унда зулм ва адоват тиконлари ўсгуси...

Ҳозир айни дамда шу зулм ва адоват тиконлари илк нишона мевасини берди: инсон сифатида эрига раҳми кела бошлаган Зайнаб бирдан ўзгарди — унга нафрат билан тикилди. Сўнг... нафрат чекина борди. Чалажон ҳолдаги меҳр нафратнинг мутлақ ғолиб келишига йўл бермади. Оқибатда манфий ва мусбат булутлар тўқнашувидан яшин чақнагани каби икки туйғунинг олишувидан икки аланга ҳосил бўлди. Тутун аралаш, қора тусдаги аланга ўша хотиннинг шармсиз гапларини шивирлаб айтиб, вужудини куйдирди. Кўз олдига ўзининг шармандали ҳолати келиб, сесканиб кетди. Назарида Элчин кўзларини очгандай, «Сен шу даражада шармандамисан?!» деб бақиргандай бўлди. Бу қарашнинг изидан «Шарманда! Шарманда!!» деган ҳайқириқ деворларга урилиб, акс-садо бергандай туюлди. Бу ҳайқириқ Зайнабнинг назарида бутун касалхонани остин-устун қилиб юборгандай бўлди. Юзлари қизиб ёна бошлади гўё. У кафтларини юзларига босиб, кўзларини юмиб олди.
— Куюнманг, қоқиндиқ, уч-тўрт кунда дард кўрмагандай туриб кетадилар, Худо хоҳласа...

Чувриндининг хотини айтган гапни эшитди.

Кошки эди куюнса... Кошки эди, дардига малҳам бўлиш истаги мавжуд бўлса...

Қора тусдаги аланга инсонга хос туйғуларни ямлаб-ютишга интилади.

Чувриндининг хотини айтган гап эса оқиш тусли алангага мой бўлиб сепилади. Бу аланга қувват олиб юқорига ўрлайди. Шармандалик жари йўлини тўсади.

«Бу ҳам бир инсон-ку? Қанча жабрлар чекди. Энди бу азоб ҳам бормиди? Кризис даври ўтгани билан тузалиб кетмаса-чи? Ўлим олдида ўзига келган бўлса-чи? Сенга бир гапни айтишни истаган бўлса-чи?.. Балки... Сени деб отишгандир?.. Аданг... нимага чақиртирган эдилар?..»

Кафтларини юзларига босганича турган Зайнаб бу гапларни ким шивирлаб айтганини билмади. Фақат вужудини ёндираётган аланганинг пасайганини сезди. Кўзларини очиб, бармоқлари орасидан эрига қаради. Қаради-ю, ўринда қора хотин ётганини кўриб яна кўзларини чирт юмди. Дам ўтмай очди: яна ўша манзара!

Хотин тиржайди:
— Агар эрингга қарамасанг, ўзинг шол бўлиб, азобланиб ўласан! — деб бақирди.

Унинг бақириғи бутун касалхона бўйлаб акс-садо бергандай бўлди. Зайнаб шошиб, янгаси билан ҳамширага қаради — улар хотиржам эдилар.
— Кеннайи, юринг, — деди Зайнаб ялинчоқ оҳангда.

Унга ҳамширанинг гапи далда бўлди:
— Ҳа, борақолинглар, бу ерда кўп туриш мумкинмас.

Уйга қайтишганда Зайнабни унута бошлаган ичидаги «илон»лар яна қўзғалишди. Дори ичганидан сўнг ҳам енгиллик сезилмади. Меҳмонхонага кириб, диванга беҳол ўтирганида Чувриндининг хотини унга насиҳат қилди:
— Ҳали ўн гулингиздан бир гулингиз очилмаган, қоқиндиқ. Дардга сира-сира енгилманг. Ёш жувон ҳар қандай дардга учраганда ҳам чарақлаб туриши керак. Гапларимга тушуняпсизми?

Зайнаб «Тушуняпман... Лекин, хотин киши азобланганида ҳам тиржайиб туриши керакми?» деган маънода унга қараб олди.
— Хотин зоти эрига бепардоз кўринмаслиги керак. Сизга қараб ҳайрон бўляпман. Ёш нарса уззу-кун тошойна олдида ўтирса ҳам айби йўқ. Сиз сочларингизга, қошларингизга қарамайсиз...
— Қошимга? — Зайнаб ажабланиб, ихтиёрсиз равишда бармоқларини қошига теккизди. — Қошимга нима қилибди?
— Озгина тердириб туриш керак. Ҳозир чой-пой ичволайлик-да, кейин сартарошхонага борайлик. Таниш устам бор, бип-бинойи қилиб қўяди.

Бир жиҳатдан Зайнабнинг қимирлашга ҳоли йўқ эди. Иккинчи томондан эса шу пайтга қадар сартарошхона остонасини ҳатламаган эди. Онаси пардоз-андозни ўрнига қўймагани учунми, у ҳам безанишга қизиқмас эди. Тўғри, икки йил аввал ҳавасга қошини бўяётганида онаси кўриб қолиб, бошини сарак-сарак қилиб чайқаган, «Вой, қизим-эй, қошларингни қийнаб нима қиласан? Шу қаламсиз ҳам қошларинг қопқора. Ўзинг, Худога шукр, чип-чиройлисан. Юзларингни бўясанг, масхарабозга ўхшаб қоласан», деган эди. Онасининг шу гаплари кифоя қилиб, пардозга берилмади. Фақат янгаларнинг зўри билан никоҳ тўйи арафасида бир озгина пардоз қилган бўлди. Ўшанда хоҳлаганига тегмаётгани учун безанишни истамаган эди. Ҳозир эса Чувриндининг хотини ўша хоҳламаганига чиройли бўлиб кўринишга даъват этяпти...
— Кеннайи, ҳозирмас... кейинроқ, — деди Зайнаб.
— Кейинга суриб нима қиласиз?
— Энди одамлар... «Эри бунақа ётиб, ўзи пардоз қилиб юрибди», деб гап қилишади.
— Ҳа, одамлар гапираверишади, уларнинг нима ишлари бор экан?
— Сиз шунақа дейсиз-у...
— Майли, қоқиндиқ, ўзингиз биласиз. Унда мен уйимга бориб келайин.
— Раҳмат, кеннайи, бораверинг. Бугун анча тузукман, келиб овора бўлиб юрманг.

Зайнаб ўзини мажбур қилиб жилмайди. Чувриндининг хотини бу сохта жилмайиш ортидаги дардни сезса-да, индамади.

X боб

1

Бало шамоли бало булутини ҳайдаб келгани каби Шариф Намозов боши узра бало дўли ёғила бошлади.

Эрталаб ишга отланган дамда янги қурилган дарвозани кимдир тақиллатди, сўнгра жавоб кутмай баланд овозда «Шариф ака, ҳов Шариф ака!» деб қайта-қайта чақирди. Шариф «Ҳозир!» деб ташқарига чиққанида йўқловчи ҳовлига кириб бўлган эди. «Бунақа совуқ менга чўт эмас», дегандай юпун кийинган, бир қўли шимининг чўнтагида, бир қўлининг бармоқларига тутаб турган сигарет қистирган йигит Шарифни кўриб, жилмайди. Шариф уни кўрибоқ таниди — бунақа хунук тиржаядиган одам дунё бўйича биттадир, уни унутиш ҳам мумкин эмасдир. Йил бошида Қилич Сулаймоновнинг «марҳамати» билан қамоқхонада ўтирганида унинг елкасига аввал беш, сўнгра ўттиз минг сўмни «илган», «Тилла тишинг бўлмаса каллангни суғуриб оламан, беш мингга арзийдими ўзи калланг?» деб пўписа қилган бу нусха баъзан тушларига ҳам кирарди.

Шариф «Бу нима қилиб юрибди? Уйимни қандай топиб келди?» деб ўйлашга ҳам улгурмади.

Йигит:
— Вей, пахан, уйлар ништяк-ку, а? Қойилман, эркак, қойилман, гап йўқ! — деб сўрашмоқ учун қўл узатди. — Шу кўчага йўлим тушиб қолувди, паханни бир кўриб кетай, дедим. Братанлар «Қадрдон бўп қолувдик, жа дараклари йўқ», деб хапа бўлишди. Мени танидингизми, ўзи?
— Танидим, — деди Шариф, энсаси қотганини яширмай.
— Қойилман! Памяти зўр одамларга беш кетаман. Мен братанларга айтдим. «Пахан унутадиган тарвузлардан эмас», дедим. Братанлар мени омонатни олиб келишга юборишди.
— Қанақа омонат? — деди Шариф ажабланиб.
— Ие, пахан? — йигит оғзининг таноби қочди. — Памятнинг бир чеккасини қурт еганми, а? Кеннаяшкага икки марта саломхатни ким ёзувди? Бир марта беш кусок, кейинги сафар ўттизта. Иккаласини қўшсак ўттиз бешми? Қачон беришинг керак эди? Январда, а? Ўн бир ой ўтдими? Ҳар ойга яна бешдан қўшсак қанча бўлади? Эллик бешми? Оптом ҳисобласак, эллик бешга ўттиз беш — тўқсонми? Менинг чиқиб келишим ўнтага тушди. Энди округлят қилсак юзтагина кусок бўларкан.

Йигитнинг ишшайган ҳолда ҳисоб-китоб қилиши Шарифнинг сабр косасини тўлдирди, беихтиёр жеркиб юборди:
— Нима деб валдираяпсан, калланг борми ўзи?

Ишшайиб турган лаблар яна жойига йиғилди, аммо ғазабдан титрамади. Ғазаб чўғлари кўзларига кўчди. Йигитнинг ўтли назари Шарифнинг кўкрагини тешиб ўтгандай бўлди.
— Менинг каллам йўқ! — деди у таҳдидли оҳангда. — Менга калланинг нима кераги бор? Менга пул керак! Юз мингни топиб, санаб бериш учун калла сенга керак!
— Менда бунча пул йўқ, — деди Шариф сал бўшашиб.
— Винзавод директорида юз минг топилмас экан, деган анекдотни эшитса, одамлар балдет қилиб қолишади. Бўпти, сен «Валдирама!» дединг, гапни резинка қилмайман. Эски ошначилигимиз ҳурмати, сенга кечгача вақт бераман. Кечқурун олтида келаман. Тўққизда жойимда бўлишим керак. Ё пулни олиб бораман...
— Ё калламни оласанми?
— Вей, пахан, сенинг бу дурной башканг кимга керак? Сен менинг мазгамни тақиллатма, нима қилишни ўзим биламан. Болаларинг кўринишмайди, мактабда шекилли, а? Ҳозир кўриб қолдим кетишаётганини... Каттангга янги палто олиб берибсан,а? Сендақа добрий папашкаларни яхши кўраман.

Шариф унинг нимага шаъма қилаётганини англаб, қўрқиб кетди:
— Болаларимга тегма!
— Умнитса! Буниси энди ўзингга боғлиқ. Хайр, соат олтида келаман. — Йигит шундай деб сигаретини чуқур-чуқур тортди-да, тутунини Шарифга қараб пуфлаб, сигарет қолдиғини унинг оёғи ёнига ташлади. Ўгирилиб, бир-икки қадам қўйгач, тўхтади. Бошини буриб, тахтадек қотиб қолган Шарифга қаради:
— Курортдалигингда ювошгина бола эдинг. Энди сал қўрсроқ бўлиб қолибсан. Асадбек воспитаниянгни бузибди. Сенга маслаҳатим: Бек акангни бу ишларга путат қилма. Бу дунёда ундан қўрқмайдиган одамлар ҳам бор, билиб қўй! Ҳа, хотининг сутга чиққан экан. Одам кўп. Навбатда турибди. Пахан, хотин деганни эҳтиёт қилиш керак. Ҳеч қайси давлатда винзавод директорининг хотини азонлаб сутга югурмайди. Мазгангни ишлат, ҳе сўтак!

Йигит шундай дегач, тез-тез юрганича чиқиб кетди.

Шариф эса икки-уч дақиқагина давом этган бу суҳбат тушими ё ўнгида содир бўлдими — фарқламай, гангиган ҳолда туриб қолди.

Ғофилваш банда... Боши тошдеворга урилгач, «Бу девор қайдан пайдо бўлди?» деб ҳайратланади. Бошқалар кўрган деворни кўрмайди. Шайтон кўзларини бойлик пардаси билан тўсган бўлса на қилсин?

Жоҳил банда... Яратганнинг «Я бани Адама! Иза роайта-л-ғина муқбилан аълайка фақул занбун аъжилатун уқубатуҳу»* деб огоҳлантирганини билмаса, ким айбдор?

Чорасиз банда...

«Яшамоқнинг лаззати илмда», деб юрган одам «Дунёнинг пойдевори бойликда», деган фитнали қарорга келган экан, энди нима қилсин?

Яқиндагина ҳаромдан ҳазар қилиб юрган одам ҳаромсиз яшай олмаслик даражасига етган бўлса-чи?

Хотини «Шу данғиллама иморатдан кўра ўзимизнинг кулбамиз дуруст, дадаси. Мойли нондан қора нонимиз аълороқ. Ўйлаб иш қилинг, улар бизга бошпана қуришмаяпти, худди кафан бичишяпти-я?» деганида қандай жавоб қилиб эди-я? «Давлатинг илм қадрига етмади. Мана шулар етишди. Илмимни кимга, қанчага, қанақа тарзда сотаман — бу менинг ишим...»

Шундай иморат солиб берган валинеъматлар яна юз минг топиб беришга ёки ўша муттаҳамнинг кекирдагини узиб олишга қодирмасмилар? Ундан баттарини-да қилиш қўлларидан келади. Лекин гап бунда эмас.

Гап... болаларда... У ҳаммасини кузатибди! Мактаб йўлини... Хотинининг сутга навбатда турганини...

Беихтиёр турмадаги воқеа ёдига тушди:

Қарзини вақтида тўлолмаган одамнинг боши худди тарвуз танлаётгандай қаттиқ сиқилди. Оғриққа чидолмай додлаганида икки бармоқ бурнига тиқилиб, пастки жағи босилди. Сўнг... япалоқ омбур билан тилла тишлар бир-бир суғуриб олинди. Оғзи қонга тўлган одам вовайло айтганича қолаверди...

Шарифнинг ўзи шу ҳолга тушса майлига. Бир бошга — бир ўлим. Лекин болалари...

«Қочириш керак! Яшириш керак! Ҳозироқ!» Хаёлига келган бу фикр уни жойидан қўзғатди. Шошилинч равишда дарвоза томон юрди. Аммо остона ҳатлади-ю, кетма-кет келиб тўхтаган икки «Волга»ни кўриб, ажабланди. Олдиндаги «Волга»дан биринчи бўлиб тушган калта курткали малла соч аёл тез-тез юрганича Шарифга яқинлашди-да, кўзларига тикилганича:
— Намозов Шариф? — деб русчалаб сўради.

Кулранг жинси шими сонларига ёпишиб турган, юрганида аёллик назокатига нисбатан эркаклик шаҳдамлиги устунроқ бўлган хипчабел хонимни Шариф аввалига Португалиядан келган вакилмикин, деб фараз қилди. Шу боис умидли бир оҳангда:
— Менман, — деди.
— Намозов, тез ичкарига кир! — Малласочнинг таҳдидли буйруғи Шарифдаги умидли ўйни маҳф этди-ю, нотинч гумонлар эшигини ланг очди.
— Нима гап, тинчликми? — деди Шариф бир оз довдираган ҳолда.
— Кир дегандан кейин, кир! — Аёл шундай деб уни елкасидан ушлаб, енгил силтади.

Шариф «Кимсан ўзинг, нимага туртасан?» дейишга оғиз жуфтлади-ю, машиналардан тушиб келаётган йигитларни кўриб, итоат этишдан бошқа чораси йўқлигини англади.
— Кир, деганда кира қолмайсизми? — деди етиб келган йигитлардан бири ўзбекчалаб.
— Киришга кираман, нима гаплигини тушунтирсанглар-чи ахир? — деди Шариф ялинчоқ оҳангда.
— Гапга тушунмайдиган эшшакмисан, нима бало?! — Ҳалиги йигит шундай деб билагидан ушлаб, қўлини қайирди. Оғриққа чидолмаган Шариф шартта орқасига ўгирилганини ўзи ҳам сезмай қолди. Гарданига бир мушт тушгач, ўзини ҳовлида кўрди.
— Уйда ким бор? — деб сўради малласоч.
— Ҳеч ким йўқ, — деди Шариф яна бир мушт тушиб қолишидан чўчиб. — Болаларим мактабда. Хотиним сутга кетган.
— Ўзинг қаёққа кетмоқчийдинг?
— Ишга.
— Ишга яёв борасанми?
— Йўқ, машина келиб қолиши керак.

Дастлабки сўроқдан кўнгли тўлган малласоч курткасининг чўнтагидан сигарет чиқариб лабларига қистирди. Шарифнинг қўлини қайириб, гарданига мушт урган йигит чаққонлик билан ёққични ёқиб, алангасини хонимга тутди.
— Ҳаммаёқни қараб чиқинглар, — деди хоним сигаретни тутатгач. — Биронта ҳам тирқиш қолмасин, — у шундай деб ҳали бўёқдан чиқмагани учун кўчиб кирилмаган уйга синчиклаб разм солди-да, Шарифга: — қани, Хива хони, уйингга бошла, — деб буюрди.

Эски уйга киргач, уриниб қолган хона анжомларига ажабланиб қаради. Ўртадаги эски думалоқ столни айланиб ўтди-да, хона тўридаги диванга ўтирди. Кейин ён чўнтагидан қизил рангдаги гувоҳномасини чиқариб:
— Арина Бергер, СССР прокуратурасиданман, — деди-да, Шарифга кўз-кўз қилгач, жойига солиб қўйди. Сўнг сигарет кулини гилам устига қоқиб, Шарифга савол назари билан қаради: — хўш, ўзинг кўрсатасанми ё бизни қийнайсанми? Билиб қўй, бизни қийнасанг, ўзингга ёмон.
— Нимани кўрсатай?
— Овсармисан? Қани, ўйлаб кўр-чи? СССР прокуратурасига нимани кўрсатиш мумкин? Эркаклигингнинг исботиними? — Бергер масхараомуз тиржайди.

Аёл кишидан бунақа гап чиқиши мумкинлигини ўйламаган Шариф сал довдиради:
— Унақа деганим йўқ... Аниқроқ айтинг-да...
— Аниғими? Тўплаган бойлигингни кўрсат менга!
— Тўплаган бойлигим... Йўқ...
— Йўқми? Бу уйни қайси пулга қурдинг?
— Уйними... ошна-оғайниларим...
— Ўчир! Мен сенга чўпчакка ишонадиган қизча эмасман. Сибирга виноларни текинга юбордингми?
— Сибирга?.. Йўқ, давлат белгилаган нархда юборилади.
— Намозов! Сени олим дейишувди. Олиммисан, аҳмоқмисан — айт! Йўқ, айтма. Шу туришингдан маълум — тўнкасан сен! — У шундай деб Шариф томонга қараб «чирт» этиб тупурди. — Сен сассиқ ҳайвонни деб мен икки қитъани босиб, учиб келдимми?

Шу пайт ҳовлида Насибанинг «Кимсизлар, нима қиляпсизлар?» деган овози келди.
— Ким у? — деб сўради Бергер.
— Хотиним...
— Влад, олиб кир уни.

Шарифнинг орқасида турган йигит ташқарига чиқиб, Насибани бошлаб кирди.
— Вой, дадаси, нима бўлди? — деди Насиба остона ҳатламай туриб.
— Жим! — деб бақирди Бергер. — Фақат русча гаплашилсин! Намозовамисан? Яқинроқ кел. Демак, сен бу нусханинг хотинисан?
— Ҳа, — деди Насиба бош ирғиб. У русчага нўноқ эди. Шундай бўлса ҳам эплаштириб сўради: — нима керак?
— Саволни мен бераман, Намозова! — Бергер сигарет тутатиб, кулини гилам устига қоқди: — Нечта боланг бор?
— Тўртта... уч ўғил, бир қиз.
— Ҳа... болаларингга ота зарур экан. Менга қара, Намозова, агар сенга эр керак бўлса, айтасан: эринг пулларни қаерга яширган?
— Пул? Қанақа пул? — Насиба шундай деб эрига қаради. Шариф «Ўзим ҳам ҳайронман?» дегандай елка қисди.
— Кўзимга қара! — деб бақирди Бергер. — Айтсанг— эр сеники. Айтмасанг олиб кетаман. Суяклари қамоқда чирийди.
— Арина Иосифовна, қўшниларни чақирайми? — деб сўради йигитлардан бири.
— Йўқ, аввал айтишсин. — Йигит «тушунарли» дегандай изига қайтгач, Бергер Шарифга қаради: — Намозов, Козлов берган икки миллионни қаерга қўйдинг? Яхшиликча айт.

Бергерга Москвада берилган маълумотда «Козлов бир миллион юборган», дейилган бўлса-да, у «Тўплаб қўйгани ҳам бор», деган ишончда «икки миллион»дан гап очган эди. Бергернинг мўлжалича, Козлов юборган пул давлатга топширилган тақдирда винзавод бошқонидан тортиб олингани ўзининг ҳамёнига тушиши керак эди. У, гарчи бу ердагиларни «профессионал лаёқатсизлик»да айблаётган бўлса-да, Москвада Хонгирей томонидан берилган маълумот сохта эканини ўйлаб ҳам кўрмаган эди. Яқинда салафлари қопчиқларини тўлдириб кетганларидан хабардор Бергер ўзининг сафари ҳам шундай тугашига амин эди. Ҳозирги саволидан сўнг Шарифнинг ўйланиб қолганини кўриб «Илинди!» деган фикрда ичдан қувонди.

Йўқ, Шариф «илинмаган» эди. «Козлов» деганини қачондир, қаердадир эшитган эди. У «Козловни кимдан эшитган эдим?» деб эслашга уринаётганди. Ҳа, эслади! Қилич Сулаймонов йигирма кунми, бир ойми аввал «Красноярда Козлов деган харидоримизнинг сўраганини берайлик» деган эди. Ўшанда Шариф «Уларнинг лимити йўқ», деганида Қилич Сулаймонов «Лимитни бизга қўйиб беринг» деган эди. «Бу хотин ўша Козловни айтяптими? Козловга вино юборилган эканми? У менга икки миллион сўм берибдими?..»
— Хўш? Намозов, мен сендан жавоб кутяпман!
— Нима сўрадингиз?
— Намозов, ўзингни меровликка солма. Агар бу тўнка миянг ишламаётган бўлса, ишлатадиган усулларимиз бор!
— Меровлик қилаётганим йўқ, саволингизни тушунмадим.
— Нимасига тушунмаяпсан: Козловдан олган пулларингни мана бу ерга қўй! — Бергер шундай деб думалоқ стол устини кўрсатди.
— Козлов? — Шариф бир зум сукут қилди. — Танимайман бунақа одамни.
— Танимайсанми? Козловни, Алексей Петровични-я? Красноярскка неча тонна вино юборганингни ҳам билмайсанми?
— Жўнатиш билан мен шуғулланмайман. Ўринбосарим бор.
— Қалбаки ҳужжатларга ҳам ўринбосаринг имзо чекканми? Сен менга чўпчагингни айтма, Намозов! — Бергер шундай дегач, Насибага қаради: — Намозова, сен ҳеч эрингга хиёнат қилганмисан?
— Нима?

Насиба унинг саволини тушунмади. Бергер саволни аниқлаштирди:
— Бегона эркак билан бўлганмисан?
— Вой... нимага... — Насиба русчалаб тушунтиролмай: — Вой, шарманда, — деб қўйди.
— Намозов, хотинингни бегона эркак билан бўлганини кўрганмисан?
— Йўқ, — деди Шариф унинг мақсадини англамай.
— Ҳозир кўрасан. Айтсанг — айтдинг. Айтмасанг, хотининг билан шу ерда, кўзинг олдида кетма-кет маишат қилишади.
— Менинг бойлигим йўқ, бор нарсам — кўриб турганингиз. Ишонинг, Козловни ҳам танимайман... — деди Шариф ялинчоқ оҳангда.

Бергер унинг гапларини тинглашни ҳам истамади.
— Влад, бошла. Тўртта туққан бўлса ҳам, кўриниши қиздек. Қора хотинлар зўр бўлади, деб эшитганман.

Бергернинг амрини сўзсиз бажаришга ўрганган кенг елкали йигит Насибага яқинлашиб қучоқлаб олди. Кучли панжалар аёлнинг кўкракларини сиқди. Насиба ҳам тан оғриғига, кўпроқ номус оғриғига чидолмай дод деб юборди. Шариф хотинини ажратишга интилган эди, Бергер ўрнидан сапчиб туриб, йўлини тўсди-да, икки чоти орасини мўл қаттиқ тепди. Шариф букчайиб қолди, нафас олиши қийинлашди.
— Тўхта, — деди Бергер Владга, — ўзига келиб олсин. Бўлмаса томошанинг қизиғи қолмайди. — Бергер Насибага яқинлашиб, юзига енгил шапати урди: — Намозова, сен қаршилик қилма, ўзинг ечин. Мен хоҳлаган иш барибир бўлади. Мен «Йигитлар маишат қилишади», дедимми, демак қилишади. Еттита йигит сени қийнаб қўйиши мумкин, билиб қўй. Кейин... — Бергер заҳарли кулди: — тўққиз ойдан кейин туққан болангнинг отаси кимлигини билолмай гарангсиб юрасан. Лекин... сен ўзингни номусли аёл деб биласан-а? Номусли бўлсанг, пулни қаерга яширганларингни айт. Хўш? Ҳовлига кўмиб қўйганмисанлар? Ё қариндошларингникидами? Айт! Балки манави янги уйингнинг ғиштлари орасига териб юборгандирсанлар, а? Агар хоҳласам уйингни ҳам бузиб кўришади. Унда ҳам эрсиз қоласан, ҳам уйсиз. Хўш, айтасанми?
— Пулимиз йўқ, — деди Насиба йиғламсираб.
— Влад, вақтни ўтказма, бу тўнкаларга гап тушунтириб бўлмайди. Эри ўзига келгунича ечинтириб қўя қол.

Бир зумда Насибанинг кийимлари парча-парча қилиб йиртилиб, ярим яланғоч ҳолга келди. Икки қўли билан кўкракларини тўсиб, аёзда қолгандай титрай бошлади.

Бу орада Шариф сал ўзига келиб, қаддини ростлади.
— Намозов, эсингни йиғ, агар олиб кетсам, у ёқда баттарроқ азоблар бор. Айт, Козловдан пул олдингми?
— Йўқ, танимайман, унақа одамни.
— Влад, бошла!

Влад дегани астойдил равишда шимини еча бошлади. Орқада турган йигит эса, Шарифнинг сочларини чангаллаб тортди.
— Тўхтанг! — деб бақирди Шариф жон ҳолатда. — Айтаман, тўхтанг. Фақат, хотинимга тегманг.
— Ҳа, эркакка ўхшар экансан-ку! Влад, шимингни кий. Осиёликлар номусни ҳамма нарсадан устун қўйишади, билиб қўй. Хўш, Намозов, энди айт.
— Аввал хотиним чиқиб кетсин. У билмайди.
— Сен бизга шарт қўйма, Намозов.
— Бунақа ҳолатда айтолмайман.
— Майли, Намозова, нима, совқотдингми? Кийиниб ола қол. Пулларни санаётганда бунчалик титрамагандирсан, а? Хўш, Намозов?
— Мени бу ердан олиб кетинг. Айтсам, мени ўлдиришади. Пул менда эмас.
— Қиз-з-зиқ... — Бергер шундай деб Шарифга яқинлашди-да, тутаб тугай бошлаган сигарет чўғини унинг юзига босди. Шариф инграб юборди.

Кийина бошлаган Насиба эса эрига қараб қолди.
— Сен кийинавер, — деди Влад, уни туртиб.
— Намозов, ўтир, ёз, — деди Бергер.
— Нимани?
— Козловдан икки миллион рубл олганингни ёз. Қаердалигини майли, кейинроқ айтасан.

Шариф тамоман гангиб қолган эди.

Яйраб, ўйноқлаб юрган қўзи тўсатдан қўл-оёқлари боғланганида, тепасида пичоғини қайраётган қассобга мўлтиллаб қараганини кузатганмисиз? Ҳозир Шариф ана шу жавдираш билан қарарди. У ҳозир ўзини ўйламас, аҳли аёли билан фарзандларидан хавотирда эди.

Ёзда у ғалати манзаранинг гувоҳи бўлганди: чумчуқнинг ҳали учирма бўлмаган боласи уясидан тушиб кетган экан. Мушук тайёр луқмани кўриши билан писиб кела бошлади. Чумчуқча чириллаб қочмоқни, учмоқни ихтиёр этарди. Аммо қора булут каби бостириб келаётган мушукнинг муддаога етмоғи аёнроқ эди. Мушук қушчага яқин келган онида икки чумчуқ пайдо бўлди. Уларнинг бири ҳеч тап тортмай, мушукнинг юзига урилди. Уларнинг «жанги» узоқ давом этмади. Мушукнинг панжаси унинг ҳамласидан кучлироқ чиқди. Мушук чалажон чумчуққа «Сен энди ҳаппаи ҳалол ўзимникисан. Манави жимиртак бирор кавакка кириб ғойиб бўлмасидан еб олай», дегандай қараб қўйиб, яна ўлжаси изига тушди. Шунда иккинчи чумчуқ унга ҳужум қилмади, балки қаноти сингандай унинг йўлига қулади. Сўнг, қанотларини ерга урганича чирқираб, судрала бошлади. Мушук энди унинг изига тушди. Чумчуқ судрала-судрала уни боласидан узоқлаштирди. Аммо... ўзи мушукка ем бўлди.

Шариф ўшанда бу манзарани қизиқиб томоша қилган, аммо мушукни ҳайдаб, қушларни асраб қолиш лозимлигини ўйламаган эди. Бу воқеани хотинига айтганида Насиба ранжиб, «Чумчуқлар увол бўлиб- ди-я...» деб ачинган эди.

Ҳозир ўзи ўша чумчуқ ҳолига тушди.

«Эрталабки нусха болаларимга шаъма қилди. У юз минг сўраган эди. Буниси икки миллион талаб қиляпти. У-ку, одам қонини сўриб юрувчи ҳайвон. Касби шунақа. Булар-чи? Қайси бири баттарроқ? Масковдан келдим, деб нимани хоҳласа қилаверадими? Итми-мушукми, Масковдан келдим, деб бир чеккадан қийратаверса, биров уларга пишт демаса...»

Шариф буларни ҳозир эмас, кейинроқ, қамоқнинг бир кишилик совуқ хонасида ётганида ўйлайди. Ҳозир эса мушукни чалғитмоқчи бўлган чумчуқ каби Арина Бергер деган бу зулм қилғувчини уйидан узоқлаштиришни истайди...

2

Ботировнинг шаҳар турмасига келтирилганини Зоҳидга маълум қилишди. Зоҳид зўрланган қиз — Моҳира Нуриддинованинг гапларига қониқмаган бўлса-да, уни иккинчи сўроққа чақиришга шошилмади. Зўрлаган — Шокир Ботиров билан юзма-юз бўлганидан кейин ишни давом эттиришга қарор қилган эди.

Зоҳид кўчага чиққанида йўл-йўлакай Ҳамдам Толиповни йўқлаб ўтишга қарор қилди. У бир неча кундан бери Саид Қодиров айтган гапларнинг мағзини чақиш билан банд эди.

«Ҳосилбойвачча изсиз кетиши мумкин эмас, — деб ўйлади у. — Катта йўл бўйида ёқилган мурдалар тақдири билан биров қизиқмади. Улар томчилар эди. Қумга томдилару йўқ бўлдилар. Ҳосилбойвачча денгиз эмас, кўл ҳам эмас. Балки кўлмакдир. Бироқ, кўлмакка чўп ташласанг ҳам чайқалади. Сассиқ кўлмак бўлса, ҳиди чиқади. Ҳосилбойваччанинг атрофидагилар нима учун жим? Нега чайқалмадилар?..» Асадбекнинг йўриғидан бехабар Зоҳид ўзича калаванинг учини ечмоқчи бўлади. У «Ҳосилбойвачча у ёқ-бу ёққа қочиб кетмадимикин?» деб ҳам ўйлади. Аммо Саид Қодировнинг бу тўдада «одами борлиги»ни маълум қилиши хаёлларини маълум чегарада чеклашга мажбур этди.

Ҳамдам Толиповни йўқлашдан мақсади ҳам шу муаммони ечишга интилиши, унинг «миш-миш овлаш»га усталигидан фойдаланиш.

Ҳамдам хонасида ёлғиз эмас эди. Хона тутунга тўла бўлса ҳам, у навбатдаги сигаретини баралла бурқситиб ўтирарди. Зоҳидга Ҳамдамнинг иши унча юришмай тургани шундан аён бўлди. Ҳали муштлари, тепкиларини ишга сола олмаганидан хуноб кўринади. Башанг кийинган, бўлиқ юзлари пўрсилдоқ нондай қизариб турган, бармоғига ёқут кўзли йўғон узук таққан одамда эса хавотир ёки ташвиш сезилмас эди.

Хонада бошқа стул йўқлиги сабабли Зоҳид дераза токчасига суянди.
— Кўриб қўйинг, ўртоқ прокурор, баъзан «Ишингнинг тайини йўқ», деб танбеҳ берасиз. Мана бунақа акахонлар билан икки соатлаб отамлашсагу бир тайинли гап чиқмаса, ишда қанақа унум бўлсин?
— Энди ука, гапни икки соатдан бери мен эмас, сиз чўзяпсиз. Сизга лўндасини айтдим: қайнонам азалдан мени ёмон кўради. Қизини укасининг ўғлига бермоқчи бўлиб юраркан, қизи унга тегмаса, мен айбдорманми? Қизи менга хуштор эди, қайнонам шунисига чидолмади. Ҳозир ҳам чидолмайди. Зоти паст уларнинг аслида.

Зоҳидга бу одамнинг гап оҳанги ғалати туюлиб, гапга аралашди:
— Қайнонангизнинг қизлари — сизнинг хотинингиз-да, а?
— Ҳа, ҳамма гап шунинг устида.
— Зоти паст, дедингиз, демак, ўзингиз ҳам зоти пастга тенглашибсиз-да, а?
— Энди... ёшлик-да, хуштор бўлганидан кейин...
— Хотинингиз сизни яхши кўрар экан, сиз-чи? Яхши кўрмасмидингиз? Бўйнингизга осилиб «Мени олсанг ҳам оласан, олмасанг ҳам оласан!» деб туриб олганми?
— Э, ука...
— Бу одам сизга ука эмас, прокурор! Шаҳар прокуратурасидан! — деди Ҳамдам зарда билан.
— Узр, ўртоқ прокурор, танимаганини сийламас, деган мақол бор-ку. Билмапман, кечирасиз. Сиз жуда тўғри савол бердингиз. Уни ўзим ҳам яхши кўрардим. Йигитлик ўзингизга маълум. «Муҳаббатнинг кўзи кўр», дейишади-ку... Ундан ташқари ғунажин кўзини сузиб турганидан кейин ҳар қанақа тентак буқача арқонини узади-да...
— Энди-чи, энди ёмон кўриб қолдингизми?
— Эндими... энди...
— Чайналмай айтаверинг: энди у хотин йўқ, ўлган! Бу акахонни қаранг, ўртоқ прокурор, хотинларини жарроҳнинг қўлига топшириб, ўзлари Ялтага жўнаворибдилар. Буларнинг бир мақоли бор: «Пулинг бўлса халтада, ялло қилгин Ялтада», шунақами, а?
— Дам олиш гуноҳ эмас-ку? Касали оғирлигини билмабман, дедим-ку? Ўзим ҳам армондаман.

Ҳамдам бу одамнинг айёрлигидан ғижиниб «Илгари тентак буқача бўлганингиз рост экан, энди улғайиб ғирт аҳмоқ ҳўкиз бўлибсиз», демоққа шайланди-ю, аммо бу ташбеҳдан ўзини тийиб, гапнинг лўндасини айтиб қўя қолди:
— Эй, инсон, одам дегани қўйини қассобга берса ҳам, сўйгунича пойлаб туради. Сиз қайнонангизга мағзава ағдариб, ўзингиз сувдан қуруқ чиқмоқчимисиз? Ўртоқ прокурор, бу одамнинг яна битта қилиғини айтайми: Ялтага ўйнашларини ачомлаб кетишларидан олдин...
— Ҳеч қанақа ўйнаш йўқ. Бу ердан бошлаб кетадиган аҳмоқ эмасман. Ялтада дарахтга қараб аксираб юборсанг, мингта қулинг ўргилсин жонон ёғилади. Ўрисларда мақол бор: «Тулага ўз самовари билан борилмайди».
— Қаранг, ўртоқ прокурор, бу акахонимизнинг турган-битганлари ғиж-ғиж мақол. Ҳатто ўрисларникини ҳам биладилар. Ўзбекларда ҳам бир мақол бўларди, балки биларсиз? Нима эди. «Чучварани хом санаманг»миди? Акахон, мен Толиповман! Мана, менга ишонмасангиз, ўртоқ прокурор айтсинлар, мен ушлаган жойимдан кесаман. Ҳали ҳеч ким мени сувга олиб бориб, суғормай олиб келмаган. Ким билан борганингизни икки-уч кунда ўзингизга айтаман. Хоҳласангиз гаров ўйнаймиз: мен сизга ўйнашингизни рўпара қиламан, сиз эса... сизни бичамиз-қўямиз, келишдикми?
— Йўқ, келишмадик. Сизларни биламан, кўчадан битта шалоқни олиб келиб рўпара қиласиз. Юзта гувоҳ ҳам топасиз.
— Йў-ўқ, акахон, — деди Ҳамдам ўрнидан туриб, — гаровда бунақа ғирромлик бўлмайди. Аниқ далил билан исботлайман. Исботлай олмасам, майли, «Иш»ни ёпаман.
— Қанақа «Иш»? Қуруқ туҳмат бу!
— Тўғри, ҳозирча жиноий иш қўзғолгани йўқ. Ҳозирча ариза бор. Бурнимнинг катталигини кўряпсизми? Мана шу бурним жуда сезгир-да. Ҳозирнинг ўзида жиноятнинг ҳидини сезиб турибди. Ўртоқ прокурор, бу акахон Ялтага ўйнашларини ачомлаб жўнашларидан олдин дўхтирга озгинагина чойчақа узатиб «Наркозни аяманг, бечора бу дунёда қийналиб кетди, ухлаганича уйғонмай қўя қолсин», деганлар.
— Туҳмат!
— Ўртоқ прокурор, сиздан маслаҳат сўрамоқчиман: мурдани кавлаб олиб текширишни нима дейишарди?.. Ҳа, эксгуматсия! Экспертиза унинг касали, берилган наркоз даражасини аниқлаб берса керак, дейман, а? Ана ундан кейин дўхтиржон ҳам сайраб берарлар? Ана шунда бу акахонни икки қўллаб сизга узатамиз. Ахир қотиллик билан кўпроқ прокуратура шуғулланади, тўғрими?
— Андишанинг отини қўрқоқ деманг, оғайни. Мени қўрқитмай қўя қолинг, ёш бола эмасман. Қонунни сиздан бошқа биладиганлар ҳам бор. Эксгуматсия қилгингиз келса, қилаверинг. Аммо билиб қўйинг: шахсан ўзимнинг иштирокимда очасиз.
— Ие, бўлмасам-чи? — деди Ҳамдам қўлларини ёйиб. — Сизсиз бўларканми бу иш. Энди гапни кўпайтирмай қўя қолайлик. Маслаҳатимиз пишди, а? Энди мана бу ерга чиройликкина имзоингизни қўйиб беринг.
— Нима бу?
— Аввал ўқинг. Қонунда аввал ўқиб кейин қўл қўйилсин, дейилган. Сиз иш бир ёқлама бўлгунича шаҳардан ташқарига чиқмай турасиз. Чақирганим замоним «Лаббай!» деб етиб келишингиз керак бўлади. Болалигингизда пионер бўлгансиз-ку, а? Шиорингиз «Всегда готов!»миди? Ҳа, билар экансиз. Мабодо битта-яримта сизга телефон қилиб қолса, шу шиор эсингизда турсин.
— Менинг телефоним ишламайди, бу бир. Иккинчидан мен пионер бўлмаганман. Шу шиорни билмаганим учун «Мафкуранг бузуқ», деб қабул қилишмаган.
— Хотиржам бўлинг, телефонингизни ишлатиб қўйишади. Мафкурангизни ҳам созлаб қўйишади.

Ўзаро пичинг тошлари отиб тугатилгач, тилхатга имзо чекилди-ю, «қайнона туҳматига учраган бечора куёв» хонани тарк этди. Эшик ёпилиши билан Ҳамдам унинг изидан ғазаб тошларини отди.
— Ҳайвон! Тўнғиз!

«Тўнғиз» «унвони» камлик қилдими, кейинги «тош»лар унинг онаси-ю, амма-холаларини тилга олиш билан отилди.
— Кўрдингми, бу ит эмганни, — деди Ҳамдам, сал ҳовури босилгач. — Бешта боласи бор экан. Кўнгли янгисини тусаб қолган бу буқанинг. «Иш»ини судга оширмай бўғиб ўлдириб қўйгим келяпти.
— Ҳали айби исботланмади-ку, балки чиндан ҳам қайнонаси...
— Сен прокурор, ҳали боласан. Бунақа ишларга ақлинг етмайди. Ҳозиргина айтдим-ку, бурним сезгир, деб... Хўп, буни қўявер, ўзингнинг ишларинг қалай?
— Юрибмиз ишла-аб...
— Асадбекларни қўлга олибсанми, а?

Ҳамдамдаги қолган-қутган заҳар томчиларининг ўзига аталганини сезган Зоҳид унинг пичингига эътибор бермай:
— Оляпмиз, — деб қўйди.
— Оляпсизми ё чўкяпсизми?
— Униси ҳам, буниси ҳам.
— Кейингиси тўғрироқдир.
— Балки... Сиз мабодо Ҳосилбойвачча деган одамни эшитмаганмисиз?
— Бунақа зўрларни прокурорлар эшитишади. Биз бир кичкинагина изқувар бўлсак... «Фас!» дейилса югурамиз. Етиб олсак, босамиз, тишлаймиз, «Фу!» дейилса — қўйиб юборамиз, — деди Ҳамдам заҳарли пичинг оҳангида.
— Ҳамдам ака, анчадан бери бировни чақа олмай зада бўлиб турган экансиз-а? — деди Зоҳид жилмайишга ҳаракат қилиб. — Мен бир иш билан келдим. Гапимни эшитишга тобингиз борми?
— Тобимми?.. Тобим бор. Билиб турибман: «Ҳосилбойвачча йўқолганмиш», демоқчисан.
— Эшитибсиз-да?
— Бу тешик қулоқ баъзан эшитиб ҳам туради.
— Миш-миш овлайдиган жойингиз бўларди?
— У ердаги гаплар сенга тўғри келмайди.
— Айтинг-чи?
— Бойвачча чет элга қочиб кетганмиш.
— Ишончсиз гапми бу?
— Сен ишонасанми? — Ҳамдам саволга савол билан жавоб қилди. Сўнг бир нафас тин олди-да, афсус оҳангида қўшиб қўйди: — Ишонсанг — ғирт аҳмоқсан!
— Бу гапни нима сабабдан ишончсиз деяпсиз?
— Чет элда унга пишириб қўйибдими? Бу ерда ўзига хон, ўзига бек бўлса. Сенга ўхшаганлар мушугини пишт демаса... Чет элга қочиб кетиш осон эканми? Булар аҳмоқ эмас, қочишмайди. Чет элда нон йўқ уларга.
— Унда қаерга ғойиб бўлган?
— Сен гапни чўзма, ичингдагини айтавер: ўлдириб кетишган, демоқчимисан?
— Шу тахмин ҳақиқатга яқинроққа ўхшайди.
— Ким ўлдиради?
— Балки Асадбекдир?
— Сенинг танглайингни Асадбек кўтарганми? Нима иш бўлса ўшанга тақайдиган бўлибсан. Хўш, давом эт-чи?
— Мурдани топиш керак.
— Ўҳ-ҳў... иштаҳалар карнай-ку, а? Билиб қўй: агар бойвачча сен айтгандай ўлдирилган бўлса, ўлигини икки дунёда ҳам тополмайсан.
— Ҳарҳолда бир қизиқиб кўриш керакмикин?
— Менга қара, прокурор, фойда чиқмайдиган ишларга бошингни қотирма. Агар чиндан ҳам улар ўлдиришган бўлса-ю, мурдани топишимизни исташса, бизларни қийнашмас эди. Аввалгиларига ўхшаб дарахтга осиб қўя қолишарди. Буни исташмадими — тамом, овора бўлма. Мен гугурт чўпини беш-олтига майдалаб Сирдарёга ташлаб юборай-чи, топа олармикансан? Мурдани йўқотиш усуллари кўп, топиш усули эса кам. Сен жасадни эмас, уни йўқотишда қатнашганларни топ. Ҳеч бўлмаганда биттасини топ. Гапингнинг ҳидига қараганда кимдир хабар қилганга ўхшайди. Ана ўшанинг гирибонидан ол. Гапирмагунча қўйма.

«Унинг кимлиги маълум бўлганида нима қилишни ўзим билар эдим», — деб ўйлади Зоҳид унинг гапларини эшита туриб. — Агар Саид Қодиров рост гапирган бўлса, у одамни ёлғиз ўзи билади. Менга рўпара қилмайди. Гирибонидан ҳам олдирмайди».

Ҳамдам Толипов жасадни йўқотиш усулларини яна пича баён қилгач, гапдан тўхтади. Зоҳид бу мавзуни давом эттирмакни истамай, суҳбат мавзуига таҳрир киритди. У бугун, улгуролмаса эртага Ботиров ишини юритган терговчи билан учрашмоқни ихтиёр этган эди. Зоҳид қўшни тумандаги бу терговчини танимасди. «Балки Ҳамдам ака танир», деб сўраб эди, янглишмади.
— Танийман уни, — деди Ҳамдам. Сўнг Зоҳидга муғомбирона тикилди. — У ишкалга нима учун ишқинг тушиб қолди?
— Бир «Иш»да хомлик қилганга ўхшайди.
— Бир «Иш»да сен хомлик қилишинг мумкин. Бор, ана, мен хомлик қилишим мумкин. Унда хомлик деган гап бўлмайди, билиб қўй. Унинг лақаби «Ишкал». Бу нима дегани, биласанми? У ишкалликни пулга сотиб олади.
— Тушунмадим?
— Сен «Мушт ишлатасиз», деб менга кун бермайсан. Мен пичоқ бориб суякка қадалганда дўппослаб қоламан. Ҳаммани ҳам уравермайман. У «Ишкал» эса хонасига кирган одамни муштламаса кечаси ухлолмайди. Агар отаси кириб қолса, уни ҳам аямаса керак. Яна бир нарсани билиб қўй: у яхши ходимлар рўйхатида биринчилардан бўлиб туради. Топширилган ишнинг юздан тўқсон тўққизини очади. Тушундингми?
— Тушундим.
— Йўқ, тушунмадинг, — деди Ҳамдам айёрона жилмайиб. — Ҳали тушунганинг йўқ. Уч-тўрт кундан кейин тушунасан.
— Нега? — деб ажабланди Зоҳид.
— Негаки, у сенинг адолат қилишингга йўл бермайди. Сен бор, у билан суҳбатлаш. Лекин унинг ҳар бир тешикда акахонлари борлигини унутма. У хизмат варақасига қандайдир бир «зумраша» прокурорнинг «минус» қўйишига йўл бермайди.

Ҳамдам «Ишкал» деб аталган ҳамкасбининг қилиқларидан айтиб бергач, Зоҳид унга миннатдорлик билдириб, изига қайтди.

3

Соқчи Ботировни бошлаб келди. Ботиров сўроқхонага қўлларини орқасига қилган ҳолда кириб, маҳбусларга хос бўлмаган оҳангда қироат билан салом берди. Зоҳид бу лутфга жавобан қуруққина қилиб «салом», деди-да, рўпарасидаги курсини кўрсатиб «Ўтиринг», деди. Ботиров ўтиргач, Зоҳид учун кутилмаганда қўлларини фотиҳага очди-да:
— Роббано... иҳдинас-сиротал мустақийм... — деб дуо қилди.

Зоҳид беихтиёр равишда дуога қўшилиб, кафтларини юзига суртди.
— Қалай биродар, саломатмисиз, аҳли байтлар омонми? — деб сўради Ботиров.
— Раҳмат, юрибмиз... — деди Зоҳид.
— Алҳамдулиллаҳ, — деди Ботиров.

Зоҳид яна ажабланди. Хизмати давомида кўп одамни тергов қилди, суҳбатлашди. Лекин ҳеч бир терговни бундай тарзда бошламаган эди. Шу пайтгача биров унга «ҳол-аҳвол сўраш одоби бизда ҳам бор», демаган эди. Афсус ери шундаки, буни ўзи ҳам ўйлаб кўрмабди. Ҳозир, Ботировнинг одоби унга бир дарс бўлиб, аҳвол сўрамаклиги лозимлигини уқди.
— Ўзингизнинг аҳволингиз қандай?

Зоҳиднинг бу гапи одоб оҳангида эмас, сўроқ тарзида эшитилди. Сўроқларга кўникиб қолган, терговчидан лутф кутмаган Ботиров бу оҳангга эътибор бермади.
— Алҳамдулиллаҳ, — деди у, сўнг қўшиб қўйди: — Яратганга шукр.

Зоҳид бу шукронани эшитиб, унга тикилиб қолди. Қамоқда ётган одамнинг Худога шукр қилиши уни чиндан ажаблантирди. Одатда иши қайта кўрилаётган одам туҳмат жабрини чекаётганидан шикоят қиларди. Бу эса... «Тил учида айтяптими ё дилданми?»
— Ҳа, биродар, тикилиб қолдингиз? — деди Ботиров.
— Тикилиб қолганим... очиғини айтсам, «Яратганга шукр», деганингизга ҳайрон бўляпман.
— Астағфируллаҳ! Нима учун ҳайрон бўляпсиз? Сиз... мусулмон эмасмисиз?

Зоҳид шу ёшга кириб, бундай саволга дуч келмаган эди. Шу боис айб устида қўлга тушган боладай шошилиб қолди.
— Мусулмонман...
— Алҳамдулиллаҳ, мусулмонсиз, — деб тўлдирди Ботиров.
— Ҳа, алҳамдулиллаҳ, мусулмонман, — деб камчилигини тузатди Зоҳид, — лекин... очиғини айтсам, намоз ўқимайман.
— Оллоҳ сизни ва сиз кабиларни ўзи ислоҳ этсин. Сиз «Бу қанақа тентакки, қамоқда ўтириб шукр қилса», деб фикр қилаётган бўлсангиз ажаб эмас. Сиздан «мусулмонмисиз» деб сўраганимнинг боиси шундан иборатки, ҳар бир муслим ҳар нафасида Яратганга шукрлар қилмоғи фарздир. Сиз тонгда уйғонганингизда Раббимга шукр қиласизми?
— Йў-ўқ, — деб тан олди Зоҳид.
— Шуниси ёмон-да. Ахир бир ўйлаб кўринг: агар Оллоҳ ирода этмаса уйғонмайсиз-ку? Уйқу — ярим ўлим демак. Қанчадан-қанча инсонлар тунда уйқуга кетадилар, аммо уйғонмайдилар. Буни ўйлаб кўрмагандирсиз, а? Неча юз ёки минг инсон эрталаб хизматига кетади. Уйига эса қайтмайди. Кўчадами ё хизмат жойидами омонатини топширади. Сиз билан гаплашиб турган шу дамда қанча одам нафас олди-ю, нафасга қўшиб жонини ҳам чиқарди. Шундай экан, ёлғиз Оллоҳга шукр қилинг. Қамоқ эса... Бу Раббимнинг синовларидан бири. Раббим Ҳақ-таоло айтадики: «Эй, бандаларим, мен бандаларим ичидан бир мўъмин кишини бирон мусибат етказиб имтиҳон қилсам, у менга ҳамд айтиб, менинг имтиҳонимга сабр қилса, у ўша жойидан турганида гуноҳларидан онаси туққан кунидек пок бўлиб туради». Бу каломнинг маъносини англадингизми? Тўғри, менга зулм қилдилар. Лекин улар қиёматда шунга яраша ўз ажрларини оладилар. Мен улардан нолимайман. Уларни қарғамайман. Оллоҳ менга шу қамоқни лозим кўрибдими, шунисига шукр. Чунки бундан баттар зулмга рўбарў бўлганлар бор.

Зоҳид унинг гапларини диққат билан эшитиб, ўйланди. Назарида Ботиров ҳали ўттизга кирмаган йигит эмас, олтмиш ёки етмиш йиллик умр йўлини босиб ўтган, оқ-қорани яхши ажрата оладиган донишманд бир мўйсафиддай туюлди.
— Узрлиман, биродар, мен сизни асл мақсадингиздан бир оз чалғитдим. Сўрайдиганингизни сўрайверинг. Ҳар иккимизни Ҳақ йўлидан адаштирмасликни ёлғиз Оллоҳдан сўрайлик.

Маҳбусни сўроқ қилгани келган терговчи бу гаплардан сўнг ноқулай аҳволга тушди. Сўроқни бошлагиси келмади. Буни сезган Ботиров яна:
— Сўрайверинг, биродар, — деб қўйди.

Зоҳид хаёлини жамлаш учун қоғозларига тикилди. Бир оз фурсат шу зайлда ўтгач, бошини кўтариб Ботировга қаради:
— Ботиров, биринчи марта нима учун қамалган эдингиз?
— Биринчи мартами?.. Бу жуда эски гап-ку, биродар?
— Эски бўлса ҳам билишим керак.
— Қоғозда ёзилганлари тўғри. Мен ўшанда зулм қилганман. Ўша йигитнинг биқинига михбурагични санчиб олганман. Ёш эдим, тезлик қилганман.
— Дастлабки терговда «Бу йигитлар ёмон ҳақорат қилдилар», дегансиз. Батафсилроқ айтиб бера оласизми?
— Батафсилми?.. Шартми шу?
— Шарт.

Ботиров бошини қуйи эгди. Унинг бу ҳолатидан ўтмишини эслашга майли йўқлиги сезилди. Зоҳид «Майли, хаёлини жамлаб олсин», деган фикрда унга бошқа гап қўшмади. Бир-икки дақиқалик сукутдан сўнг Ботиров бошини кўтарди. Ана шунда Зоҳид унинг кўзларида беғуборликни, юзларида эса ажиб нурни кўрди.
— Ўсмирликнинг чўққисига етганимда ўзимга яраша қайсар эдим. Худо мени куч-қувватдан қисмаган эди. Шайтон алайҳилаъна эса мени кибр булоғи сувидан суғориб турар эди. У пайтларда мен буларни англамас эдим. Ўзимга бино қўйиб юраверардим. Ўша кезлари бир биродаримнинг акаси уйланадиган бўлиб, тўйда хизмат қилдик. Тўйда хизмат қилиш ўзимга ҳам ёқарди. Ўзимни катта одам ҳис қилиб, бир-икки қултум шайтоннинг сувидан ҳам татиб турардим. Ўша тўйда бир улфат менга керагидан ортиқроқ хизмат буюрди. Назаримда улар мени калака қилаётгандай туюлиб, айтганларини бажармай қўйдим. Уларга бу малол келди. Биттаси чақириб, сўкди. Мен жавоб қайтардим. Хуллас, тўй охирлагач, кўчага чақиришди. Тап тортмай ташлашдим. Тўрт йигитга бас келолмадим. Машиналарига босиб, овлоқ бир жойга олиб боришди. Уришди. Хуллас, қўл-оёқларимни боғлаб... ечинтиришди... Шунда инсофлироғи уларни тўхтатди. Қўл-оёғимни ечди. Машинада яна гап талашиб, олишиб кетдик. Шунда қўлимга михбурагич тушиб қолди. Эй-й... — Ботиров бош чайқади. — Шайтонга банди бўлганингда кўзингга ҳеч нарса кўринмас экан. Менга хайрихоҳ бўлган, қўл-оёқларимни ечган, оғайниларини инсофга чақирган йигитнинг биқинига санчиб олсам-а... Улар яраланган оғайниларини касалхонага элтиб, мени маҳалламга олиб келиб роса тепкилашди. Уйга бир аҳволда кириб бордим. Адам раҳматли сафарда эдилар. Акам, онам ювиб-тараб, яраларимга малҳам қўйиб, ётқизишди. Бир ҳафта ўрнимдан турмадим. Сал ўзимга келгач, милисага олиб кетишди.
— Бир ҳафтагача сизга ҳеч ким ҳеч нарса демадими?
— Йўқ.
— Сиз дўхтирга ҳам учрамадингизми?
— Йўқ... Мен у йигитларнинг найрангини тушунмабман. Ўзимга келиб олишимни кутиб туриб, сўнг милисага айтишган-да. Майли, мен улардан хафа эмасман. Зулм қилдимми, жабрини тортишим керак эди. Мен ўшанда қозилардан ранжиган эдим. Ҳозир улардан ҳам хафа эмасман. Розиман, ҳаммасидан.
— Нимага? — деб ажабланди Зоҳид.
— Ахир улар адолат қилиша олмас эдилар. Одам адолат қилмоғи учун мусулмоншева бўлиши шарт. Ҳақ йўлида туриши керак, юрагида иймон нури, тилида Оллоҳнинг зикри бўлиши керак. Бусиз қандай адолат қилсин? Бунақа одамларга менинг раҳмим келади. Оллоҳдан уларни ислоҳ қилмоғини сўраб дуолар қиламан.
— Демак, сизга биринчи сафар туҳмат бўлмаганми?
— Йў-ўқ... Бир жиҳатдан қамалганим яхши натижа берди. Қамоқхонада кўзим очилди. Шукрки, иймонли одамга дуч келиб, Ҳақ йўлини танидим. Шайтонга қуллик қилмайдиган бўлдим, нафсим билан жиҳодга киришдим. Билмадим, биродар, сиз бунга тушунармикинсиз... аммо мен бахтимни ўша қамоқда топдим.

«Бемаънилик, — деб ўйлади Зоҳид. — Қамоқ — жазо. Бахт топадиган жой эмас. Бунинг эси оғиб қолганга ўхшайди».
— Гапларим бемаънига ўхшайди, а? — деди Ботиров худди унинг фикрини уққандай. — Аммо Ҳақ йўлидаги ҳар қандай одам гапимни тасдиқ этиши мумкин. Биров пул топса, биров катта мансабга етишса, биров яхши кўрган қизига уйланса.... бахтимни топдим, дейди. Улар — адашган бандалар. Бахтнинг чин маъносини англамайдилар. Энг улуғ бахт — Ҳақ йўлини топиш, ўзини, бутун оламни яратган Роббисини таний бошлаш эмасми? Бу бахтдан бенасиблик нимани англатади, биласизми?

Зоҳид сўроқ қилиши лозим бўлган бу маҳбуснинг гапларини тинглай туриб, бобосини эслади...

...Садақайрағоч каби ўсган оқ ўрик... Супага тўшак тўшалган. Бобоси... кўзойнакнинг синган банди ўрнига ип тортиб қулоғига илган. «Қани, дўнгпешоналар, ўтиринглар-чи, эшитинглар-чи...» Ҳозир бобоси шундай деб чорлагандай бўлди. Сўнг кўп марта такрорлаган гапларини айтди: «Оллоҳ таборак ва таоло инсонларни синамоқ учун бу дунёга юборган...»

«Бу йигит ҳам синовни гапирди. Синовдан ким ўтади? Фақат шу йигитга ўхшаганларми? Биз-чи? Мен адолат излаб гангиб юрибман. Топаманми уни? Топганим — синовдан ўтганимми? Синовдан ўтганим — бахтимми? Бахт тушунчаси шунчалар торми?»
— Мен фарзанд кўрганимда ўзимни бахтли ҳис қилган эдим, — деди Зоҳид, масалани ўзи учун ойдинлаштириб олиш учун. — Мен ҳам адашганманми?
— Сизга бу бахтни ким берганини англаганмисиз? Унга шукр этганмисиз? — деди Ботиров унга синовчан тикилиб.

Қамоқхонанинг зах хонасида, димиққан ҳавода нафас олиб, уларнинг бахт масаласини ойдинлаштиришга киришишлари ажаб ҳол эди. Улар жисман бир хонада, аммо руҳан икки оламда эдилар. Шу ҳолатда бахт хусусида ягона тушунчага эга бўлмоқлари мумкин эмасди. Айниқса Зоҳид маҳбуснинг бахти нимада эканини ҳис қила олмас эди. Янада ойдинроқ айтилса, маҳбуснинг бахтли бўлиши мумкинлиги унинг учун ёт тушунча эди.

У ҳиссиётга берилиб, асл мақсадидан узоқлашаётганини ҳис этди. Ботиров унинг кўзига бегуноҳ фариштадай бўлиб кўрина бошлаган эди. Унга «Маҳбусни яхши хислатларини излама, яхши фазилатига йўлиққан чоғингда кўзларингни юмгину сўроқни давом эттир», деб таълим беришган. Ҳар қандай даражадаги маҳбусдан бир поғона баландда туриб сўроқ қилиши лозимлигини ҳам унутгани йўқ. Лекин Ботиров остона ҳатлаб кирган онидан бошлаб уни чалғитиб юборди.

Зоҳид бу «дарс»ларга ҳамиша амал қилмаса-да, ҳозир хонаси келганини англади. Хаёлини жамлаб, «Сен у билан баҳслашгани келмагансан, сен сўроқ қилгани келгансан. Маҳлиё бўлма. «Ўғри қариса — сўфи бўлади», деган мақол бор. Бу ҳам қилғилиқни қилиб қўйиб, кейин муллага айлангандир балки...», деб ўзига-ўзи танбеҳ берди. Сўнг терговчи қиёфасига кирди:
— Ботиров, — деди у расмий оҳангда, — сиз бир қизни зўрлашда, сўнг унинг пули, кийимларини ўғирлашда айбланасиз. Айбингизга иқрормисиз?

Ботиров суҳбат мавзуининг, гап оҳангининг кескин тарзда ўзгарганидан ажабланмади, балки «асл қиёфасига кирди», деб ўйлаб кулимсиради. Зоҳид бу кулимсираш замирида ётган аччиқ кинояни уқди. «Нимага куляпсиз?» деб ҳам сўрамоқчи бўлди. Бироқ, яна гап чувалиши мумкинлигини англаб, саволини такрорлади:
— Айбингизга иқрормисиз?
— Одам йўқ айбига иқрор бўлиши мумкинми?
— Ҳарҳолда сизга шундай айб қўйиб, қамашган. Қиз ҳам таниш чоғида сизни адашмасдан кўрсатган.
— Лекин у кейинги кўрсатмаларида тонган. Судда ҳам «Зўрлаган бу одам эмас», деган. Аммо қозилар унинг гапларига эътибор беришмади. Сизларнинг ишингиз қизиқ. Қиз «Бу эмас», деб турса-ю, иш устида бўлмаганлар, «Йўқ, шу эди», деб ишонтирмоқчи бўлса... Шунчалар ҳам туҳмат бўларми? Ё Раббим, уларга ўзинг тўзим бер. Мен бир нарсага ажабланаман, биродар, нима учун туҳматга осонгина ишонасизлар-у, ҳақиқатга инонишдан бўйин товлайверасизлар?

Ҳақиқатдан қочиш — дўзах олови сари бир қадам қўйиш эмасми, валлоҳи аълам?
— Қизнинг кейинги гапларини ҳақиқат деяпсизми?
— Сиз ҳам ишонмайсизми? У ҳолда яна қайта тергов қилишингиздан наф борми? Ишончсиз қўллар билан адолат эшигини очаман, деб фикр қиляпсизми?
— Қуруқ гап билан ҳақиқатни исбот этиб бўлмайди. Ҳозирча менинг ишончимни бир четга қўйиб турайлик. Қиз балки кейин қўрқитилгандир. Балки пул берилгандир... Шундай бўлиши мумкин эмасми?
— Мумкин эмас! — деди Ботиров қатъий тарзда.
— Бизнинг ишимизда бунақа гапидан қайтишлар кўп учрайди.
— Сизнинг ишингизда балки кўп учрар. Аммо менинг «Иш»имда бундай бўлмаган. Бизнинг у қизга берадиган пулимиз йўқ. Пулдор оила бўлганимизда биринчи сафар қаматиб қўйишмасди. Пулдор бўлмаганимиз ҳам яхши экан. Йўқса, қулоқларимизгача гуноҳга ботар эдик.
— Қўрқитиш-чи?
— Пулсиз оила зўравон бўлармикин? Уни ким қўрқитади? Онамми? Сиз... онамни кўрдингизми? Бир кўринг... Гаплашинг... Акам билан ҳам гаплашинг... Акам... Агар қўлларини чивин чақиб турганини кўрсалар, аввал: «Шу чивинни ўлдириш мумкинми?» деб домладан сўраб оладилар. Шундай одам қизни қўрқитармикин?
— Унда сабаб нима?
— Худонинг ўзи қизни тўғри йўлга солган, валлоҳи аълам. Туҳмат туфайли қандай гуноҳ ботқоғига ботаётганини билгандир. Сиз унинг ўзи билан гаплашдингизми?
— Гаплашдим.
— Нима деди?

Зоҳид унга «Терговчи менманми ё сизмисиз?» дегандай савол назари билан қаради. Ботиров бу қарашнинг маъносини уқиб, бошини эгди.
— Воқеа содир бўлган куни, яъни 1986 йилнинг йигирма биринчи декабрида қаерда эдингиз?
— Уч марта суд бўлди. Унгача неча марта сўрашди. Яхшилик билан ҳам сўрашди, ёмонлик билан ҳам сўроқ қилишди. Ҳар сафар тўғрисини айтдим. Иккинчи судда гапимга ишониб оқлашди. Лекин адолат қилган суд яна бузилди. Учинчиси яна қўшиб берди. Мен ҳеч қачон иқрор бўлмаганман. Қиз ҳам айбловни рад этди. Лекин... Сиз яна сўраяпсиз. Ҳаммаси қоғозларингизга ёзилган-ку?
— Ёзилган бўлса ҳам саволимга жавоб беринг.
— Ўша куни устозимни Оллоҳнинг ҳузурига кузатган эдик.
— Аниқроқ айтинг.

Ботиров бошини кўтариб, Зоҳидга норози қиёфада боқди.
— Устозимнинг жанозалари бўлган эди, — деди сал қўполроқ оҳангда.
— Устозингиз ким?
— Неъматиллоҳ аллома.
— Қайси қабристонга қўйгансизлар?
— Қабристоннинг номи эсимда йўқ.
— Жанозани қайси масжидда ўқидинглар?
— Жаноза ҳовлида ўқилган.
— Нима учун масжидда ўқилмади?
— Жамоат кўп эди... Ундан ташқари... ўшанда масжид беркитилган экан.
— Устозингизнинг уйи қаерда эди?
— Бу шаҳарда эмас...

Ботиров айтди. Зоҳид дафтарчасига ёзиб олди.
— Ҳаво қандай эди ўша куни?
— Совуқ эди. Майдалаб қор ёққан эди.
— Жанозани ким ўқиган эди?
— Абдунаби қори. Устознинг энг яқин шогирдлари.
— У сизни кўрганми?
— Кўрган. Уч кун бирга бўлганмиз.
— Буларни нима учун терговда айтмагансиз?
— Айтганман. Эътибор беришмади. Судда ҳам Абдунаби қорини чақиринглар, дедим. Хўп, дейишди-ю, чақиришмади.
— Ўша куни устингиздаги кийим қандай эди?
— Устимда... палто, оёғимда маҳси-калиш. Бошимда телпак. Қўнғир қуён терисидан. Уст-бошим сизларда... уйда эмас.
— Қабристонни эсланг-чи. Қайси кўчалардан юриб борилади? Жасад қаерга қўйилган? Йўл бўйидами, бирон дарахт яқинидами? Балки ўриндиқлар бордир?
— Ўриндиқми?.. Ўриндиқнинг оёқлари бор эди. Тахталари суғуриб ташланган экан. Қабристонга келиб Қуръон ўқилмасин, деган буйруқ бўлган экан.

Ботиров Зоҳиднинг майдалаб сўрашидан дастлаб ғашланди. Сўнг кўнглига чироқ ёқилгандай бўлди. «Ҳарҳолда бу йигит қўл учида иш юритадиганга ўхшамайди. Икир-чикирларга қизиқаётганидан яхшиликни умид қилиш мумкин», деб ўйлаб барча саволларга эринмай жавоб қайтарди. Зоҳид унинг айтганларини қоғозга ёзиб олиб, суҳбат сўнггида имзо чектирди. Тергов якунланганини англаган Ботиров яна «Ё Роббим, барчаларимизни ўзинг ислоҳ айла!» деб дуо қилди.

«Мен унинг ўрнида бўлганимда Худодан терговчиларга инсоф беришини сўраган бўлардим», деб ўйлади Зоҳид. У ўнлаб жиноятчи, гувоҳларни сўроқ қилиб, бугунчалик қийналмаган эди. Назарида бу маҳбус оғир бир тошни унинг елкасига қўйиб чиққандай туюлди. Бу қандай тош — гуноҳлар тошими ё масъулиятми, билмади. Лекин оғирлигини ҳис этди. Тобора чўкиб бораётгандай бўлди. Елкаларини тош эзиб, зириллаб оғрита бошлади...

4

Сўроқхонадан чиқиб келаётган Зоҳидга соқчи бошлиқ йўқлаётганини маълум қилди. У «Бирор расмиятчилиги бордир», деган фикрда қамоқхона бошлиғи хонаси томон юрди. Бошлиқ республика прокуратурасидан йўқлашгани, ҳозироқ етиб бориши зарурлигини билдирганда «Ҳосилбойваччанинг мурдаси топилдимикан?» деган хаёлга бориб, Саид Қодиров билан учрашувга шошилди.

Саид Қодировнинг столи усти одатдагидай тартибли эмасди. У бир неча «Иш» тўпламларини ёйганича нималарнидир ёзиш билан машғул эди. Эшикни тақиллатиб кирган Зоҳидга бир қараб олиб, ишини давом эттирди. Зоҳид халал бермаслик учун изига қайтмоқчи эди, у қоғоздан бошини кўтармаганича «Киринг, ўтиринг», деди. Зоҳид юмшоқ курсига чўкиб ўтирганида «Қаҳва тайёрлаб ичинг», деб қўйди. Зоҳиднинг қаҳва ичгиси йўқ эди. Шу боис ўрнидан жилмади. Ярим соат давомида хонага сукунат ҳукмронлик қилди. Қоғознинг шитирлаши, Саид Қодировнинг дам-бадам томоқ қириб қўйиши сукунат ҳукмронлиги мутлақ эмаслигидан дарак берарди.

Саид Қодиров ишини якунига етказгач, қўлидаги қаламни стол устига ташлаб, керишди. Сўнг кўзларини уқалаб олиб, Зоҳидга қаради:
— Узр, каттанинг топшириғи. Бетоқат бўлиб кутиб ўтирибди. Юқорига чиқиши керак экан. Ишларингиз қалай?
— Ёмон эмас.
— Яхши ҳам эмас. Шариф Намозов деган одамни танийсизми?
— Ҳа. Винзавод директори. Прокуратурага ўтганимда биринчи бўлиб шунинг иши билан шуғулланганман.
— «Иш»ни охирига етказганмидингиз?
— Йўқ.
— Нима учун?
— Винзавод директори туҳмат қилганини бўйнига олган экан. Лекин... «Иш»ни мен ёпмаганман. Нега сўраяпсиз?

Красноярскка юборилган. Ҳужжатлар қалбаки экан. Москвадан тергов гуруҳи келган. Бошлиғи нақ Азроилнинг урғочисими, дейман. Балки сизни ҳозир кутиб ўтиргандир. Ҳар бир гапингизни ўйлаб гапиринг. У билан ўчакишманг. Эски одатингизни қилиб ҳақиқат талашманг. Москвадан келадиганларга ҳақиқат керак, деб янглишманг. Уларда ҳам нафс бор.
— Тушунмадим? Нима, унга пора беришим керакми?
— Мен унақа деганим йўқ. Сафсата сотманг, уларга ҳақиқат керакмас, деб огоҳлантирмоқчиман, халос. Ошиқча гапириб юбормасангиз бас. Уюшган жиноятчилик ҳақида умуман гап очманг. Сиз бу ҳақда ҳеч нима билмайсиз.
— Шуни айтгани чақиртирдингизми? — деди Зоҳид норози оҳангда.
— Ҳа. Яна қайтараман: эҳтиёт бўлинг. Ҳозирги ишларимизнинг исини чиқарманг.

Саид Қодиров шундай деб қоғозларини йиғиштира бошлади.
— Кетаверайми? — деди Зоҳид.
— Ҳа. Айтмоқчи, Шарипов ҳибсда, буни ҳам билиб қўйинг.

Зоҳид ташқарига чиқиб, совуқдан жунжикди. Саид Қодировнинг махсус чақириб огоҳлантириши унга ортиқчадай туюлди. «Бунча ваҳима қилади. Мен қорадори бўйича «Иш» очдим. Ҳаммаси қонуний бўлди. Уни бошқалар чиқаришди. Винзавод ҳужжатларида қалбакилик бўлса, менинг нима алоқам бор?»

Ишхонасига боргунига қадар шу фикрда бўлди. Фақат хонасига яқинлашганида эшик оғзида икки нотаниш йигитни кўриб огоҳлантиришнинг бежиз эмаслигини англади.

Эшик очмоқчи бўлганида йигитлардан бири йўлини тўсди-да:
— Кимсиз? — деди дағал оҳангда.

Зоҳид ўзини таништириб, гувоҳномасини кўрсатгач, унинг ўзи эшикни очди. Зоҳид ўзининг ўрнида ўтирган аёлни кўриб «Масковдан келган Азроилнинг урғочиси шуми?» деб ўйлади. Зоҳид ичкари кириб, орқасидан эшик ёпилгач, малласоч ўрнидан турди.
— Арина Бергер, СССР прокуратурасиданман, — деди-да, стол устидаги қутидан сигарет олиб, лабига қистирди.
— Шарипов, — деди Зоҳид, ўзини таништириш мақсадида.
— Шариповлигингизни биламиз, ўтиринг, — деди Бергер сигарет тутатиб. Сўнг столга омонат ўтирди-да, унга тикилди.
— Иш пайтида қаерларда юрганингизни раҳбарлар билишмайдими?
— Иш пайтида иш билан шуғулланамиз, — деди Зоҳид унинг қилиғидан ғаши келиб.
— Қаерда эдингиз?
— Шаҳар турмасида.
— Сиз Шариповсиз... Шариф Намозов кимингиз бўлади? Шариф... Шарипов...
— Ўзбекларда бундай исм кўп учрайди. Русларнинг Иванига ўхшайди.
— Шунақа денг? Русларга ўхшаса яхши... Демак, Шариф Намозов кимингиз бўлади?
— Ҳеч кимим, бегона одам.
— Ҳали «Уни танимайман» ҳам дерсиз?
— Танийман.
— Қизиқ... дарров танишингиз қизиқ?
— Прокуратурадаги биринчи ишим. Ҳали бир йил ҳам бўлгани йўқ. Хотирам ҳам яхши, нолимайман.
— Хотирангиз яхшими? Бу жуда гўзал! Ҳозир синаб кўрамиз. Мушук-сичқон ўйнаймизми ё тўғрисини айта қоласизми?
— Ниманинг тўғрисини?
— Тушунмаяпсизми? Яхши, лўнда қилиб айтайми? Гап шу бўлмаса: қамоқдан чиқариб юборганингиз учун Шариф Намозов сизга қанча ҳақ тўлади?

Бундай аҳмоқона саволнинг бу қадар безбетларча берилишини Зоҳид кутмаган эди. Савол ханжар бўлиб юрагига санчилиб, бир бураб олингандай бўлди.
— Бунақа саволни... ҳазиллашиб ҳам бериб бўлмайди, — деди у ғазабини ичига ютиб.
— Мен ҳазиллашаётганим йўқ, — деди Бер- гер. — Сиз билан ҳазиллашай деб икки қитъани босиб келганим ҳам йўқ. Мени ҳақиқат, фақатгина ҳақиқат қизиқтиради. Хотирингиз жам бўлсинки, мен унинг тагига етаман. Хўш, яна ўша саволга қайтамиз?
— Намозов ишини мен бошлаганман. Лекин уни қамоқдан мен чиқармаганман.
— Биламан. Бу Келдиевнинг иши. У билан гапимиз бошқача бўлади. Мен сиз — ўзбекларни яхши биламан. Бирингиз иккинчингизга ошириб турасиз. «Иш»ни сиз очгансиз, агар розилик бермасангиз Келдиев ёпа олмас эди. Хўш, нима учун рози бўлдингиз? Розилигингизнинг нархи қанча?
— Сиз мен билан бу тарзда гаплашманг, ҳаққингиз йўқ! — деди Зоҳид, бу сафар ғазабини яшира олмай.
— Нимага ҳаққим бору нимага йўқ, сендан яхшироқ биламан, — деди Бергер оёққа қалқиб. — Сен покмисан? Пок бўлсанг нима учун индамай турдинг? Нима учун юқорига ёзмадинг? Ҳаққинг бор эди-ку?
— Бу менинг хатоим бўлиши мумкин.
— Ҳар бир хатонинг ўзига яраша ҳақи бўлади.
— Мен шу пайтгача бировдан пора олмаганман, бундан кейин ҳам олмайман.
— Бунақа кулгили чўпчакларни болалар боқчасига бориб айтиш керак. Мен бола эмасман, СССР Прокуратурасиданман! Бу «Иш», азизим, сен ўйлаганчалик ҳазил иш эмас. Билиб қўйганинг яхши: «Ўзбек иши»нинг иккинчи саҳифаси очиляпти. Ҳали кўп одам боради борадиган жойига. Ўртоқ Гдлян айтган: сенлар билан одам тилида гаплашиб бўлмайди. Сенлар одам тилини билмайсанлар. Гап шу: Намозов тан олди. Сенга эллик минг берган экан. Эртага эрталаб мана бу ерга, — Бергер стол устини шапатилаб қўйди, — йигирма беш мингни қўясан. Келишдикми?

«Бу Азроилнинг урғочиси нималар деб валдираяпти? Пора сўраяптими ё синамоқчими? Шарипов бермаган нарсасини «Бердим» деган бўлса-чи? Қийноққа олган бўлса, айтиб юбориши ҳеч гапмас. Хўш, айтса нима? Бир аҳмоқнинг гапи ҳақиқат эмас-ку?»
— Келишдикми? — деди яна Бергер унинг ўйга берилганини кўриб.
— Йўқ, келишмадик, — деди Зоҳид қатъий овозда.— Мен ундан сариқ чақа ҳам олмаганман.
— Мен аёл бўлсам ҳам сен билан эркакчасига гаплашяпман. Сен эса хотинга ўхшаб чайналяпсан. Эркакмисан ўзинг? — Бергер қўлидаги сигаретни пастга ташлаб, этигининг учи билан эзди. — Яхши. Эрталабгача ўйла. Мен сенга шанс бераман: камерада эмас, уйингда ўйлайсан.
— Ўйлашнинг ҳожати йўқ: ундан ҳеч нарса олмаганман.
— Ғирт аҳмоқ экансан! Сен мен берган шансдан фойдаланишни истамадингми? — Бергер саволига жавоб кутмай, даҳлиздаги йигитлардан бирини чақирди:— Влад!

Кираверишда Зоҳидни тўсган қорувли йигит ҳаялламади. Эшикни очиб, ичкарига бир қадам қўйди.
— Олиб чиқиб, камерага тиқ буни. Хом калласини пишитиб олсин. Бир тишлам нон, бир хўплам сув ҳам берилмасин.

Зоҳид ишнинг бунақасига айланишини кутмаган эди. Шу сабабли гангиб қолди. Сўнг ўрнидан сапчиб турди-да:
— Ҳаққингиз йўқ! — деди, овозини бир парда кўтариб.
— Ҳаққим бор, — деди Бергер кибр билан.
— Прокурор рухсатномасини кўрсатинг, — деб талаб қилди Зоҳид.
— Рухсатномами? — деди Бергер, сўнг икки бармоғи орасига бош бармоғини қистириб Зоҳиднинг бурнига тақади. — Мана сенга рухсатнома! Мен СССР прокуратурасиданман, шунинг ўзи сенга кифоя эмасми? Влад, олиб чиқ.

Зоҳид қаршилик қилиш бефойда эканини билиб, Владнинг олдига тушди.

1

Асадбек туш кўрди.

Қабристон... Руҳи шодлар ва қабр азобини чекаётганлар диёри. Бу дўнгликлар одамларнинг жасадлари билан бирга қанча сир-синоатларни яширган экан? Бойлик йўлида ҳеч нарсадан қайтмаган ҳам, бир бурда нонга муҳтож бўлганлар ҳам шунда. Унисининг ҳам, бунисининг ҳам бошида гувала...

Ўркач-ўркач ҳисобсиз дўнглик — ҳисобсиз қабр, ҳисобсиз тақдир, ҳисобсиз ажр...

Айрим қабрлар устида ажиб нур жилва қилади. Асадбекнинг кўзлари бу нурдан қамашади. Нур оппоқ қушларга айланиб, чарх ура бошлайди. Асадбек онасининг қабрини излайди. Икки қабр... Ёнма-ён... Қора мармартош қўйилган. Бири онасиники, кичикроғи Самандарники... Ажаб манзара: бу қабрлар устида оппоқ қушлар чарх урмайди. Аксинча, олов тиллари кўринади. Кимнингдир оҳ ургани эшитилади. Асадбек бу овоз эгасини танийди: онаси! Самандарнинг ўлимидан сўнг уйқусиз тунларда шундай оҳ чекарди. «Ётган ерларида ҳам оҳ уряптиларми?» Асадбек ажабланиб қабр сари юради, юраверади. Қабр эса ундан қочгандек чекинади, чекинаверади... Сўнг... олов тиллари ўрнида онаси кўринади. Қўлида Самандар — хаста Самандар. Кўзлари юмуқ. Ҳаракат сезилмайди. Жонсиз Самандарми? Сўнг... отаси...
— Ада? — деб ажабланади Асадбек, — Сиз ҳам шу ердамисиз?
— Ҳаммамиз биргамиз, тойчоқ, — дейди отаси жилмайиб.
— Яқинда мен ҳам келсам керак, — дейди Асадбек.
— Келасан... Мен кутяпман. Сенга чена ясаб қўйибман... Ченада учишни соғиндингми?
— Соғиндим ада...
— Болам, қийналиб кетдингми? — дейди онаси.
— Қийналдим, — дейди Асадбек.
— Кела қол, аданг ченада учирадилар. Қара, ёғоч чена ясабдилар ўзлари.

Асадбек атрофга аланглайди. Чана кўринмайди. Баъзи қабрлар устида чарх ураётган оқ қушларга ажабланиб қарайди:
— Булар қандай қушлар? — деб сўрайди Асадбек.
— Булар шу қабрларда ётганларнинг руҳлари. Улар у дунёда солиҳ фарзандлар қолдирганлар.
— Сизникида олов кўрдим?..
— Оҳ... болам... сен қабр азоби нима эканини билмайсан...
— Сизлар бу дунёда ҳалол яшадингиз, умрларингиз азоб билан ўтди. Яна қандай азоб бўлиши мумкин?
— Солиҳ фарзанд...
— Тез-тез худойи қиламан, қўйлар сўйдираман, мачит қурдиряпман.
— Бу етарли эмас, болам... Солиҳ фарзанд амали...
— Солиҳ фарзанд амали? Нима бу?..

Онаси жавоб ўрнига «Оҳ!» деб қўяди. Қабристон этагида оқ туялар кўринади. Туя карвони аста юриб қабристонни тарк эта бошлайди.
— Оқ туялар кетишяпти, — дейди онаси афсус билан.
— Уларни қайтариш керак, — дейди отаси.
— Мозоримиздан авлиёлар кетиб қолишяпти. Одамлардан иймон кўтариляпти...

Асадбек ўйланди. Аввал ҳам кимдандир эшитиб эди бу гапни. Ҳа, эслади: Манзура айтиб эди. Онаси ҳам айтяпти...
— Туяларни қайтараман, — дейди Асадбек.

Онаси афсус билан бош чайқайди. Отаси эса:
— Сен қайтаролмайсан, — дейди.
— Қайтараман, — дейди Асадбек ўжарлик билан. Кейин... югурмоқчи бўлади. Югураман, дейди-ю, зил-замбил оёқлари ўзига бўйсунмайди. Кимдир қаҳ-қаҳ отиб кулади. Атрофига аланглаб кулги эгасини қидиради. Бир дўнг устида Ҳосилбойваччани кўради.
— Аблаҳ, сен тирикмисан, ўлмаганмидинг? — дейди Асадбек.
— Мен ўлмайман. Мени ҳеч ким ўлдиролмайди, — дейди Ҳосилбойвачча, — югурма, овора бўлма. Барибир етолмайсан. Туялар кетиб бўлди.
— Етиб оламан, — дейди Асадбек. Сўнг яна югурмоқчи бўлади. Оёқлари бўйсунмайди.

Бир жойда... бўри кўринади. Ниманидир иштаҳа билан еяпти. Асадбек тўхтаб, бўрига тош отади. Бўри осмонга бўйнини чўзиб увлайди. Шу аснода у... оғзи қон Кесакполвонга айланади.
— Ҳайдар?! Сен нима қиляпсан бу ерда?

Кесакполвон оғзидан қонни оқизиб кулади. Асадбек унинг ўлжасига қарайди: Чувринди! Кўкси ёрилган. Юраги суғуриб олинган...
— Ҳайдар! Аблаҳ! Нима қиляпсан?
— Ўлиб қолибди, гўшти бекорга исроф бўлмасин, деб еяпман. Ма, сен ҳам е, юраги ширин экан.

Шундай деб қон томиб турган юракни узатади.
— Йўқол, ҳайвон! — Асадбек шундай деб чекинади. Кесакполвон эса юракни чўзганича уни таъқиб этади. Сўнг юракни тишлаб, чайнай бошлайди...
— Йўқол, ҳайвон! Йўқол!..

Асадбек ўзининг бақириғидан ўзи чўчиб тушди. Аъзойи баданини тер босган, нафас олиши оғирлашган ҳолда уйғонди. Хонада ҳаво қолмагандек туюлиб, деразани очди. Ёпирилиб кирган муздек ҳаво йўталини уйғотди. Хапдори ютса ҳам кор қилмади. Йўтал овозидан сергакланган болохонадаги йигитлардан бири чойнак кўтариб кириб, бир пиёлада қайноқ чой узатди.

Йўтали босилгач, Асадбек ўрнига беҳол чўзилди.

«Шу йўтал олиб кетадими энди... — деб ўйлади у.— Битта йўталга қўшилиб чиқадими жоним? Шунча тўплаган бойлигим битта йўталнинг эвини қилолмайдими? Дардимга даво беролмайдиган бу бойликни нима учун йиғдим? Болаларим учунми?.. Ҳа, болаларим учун...»

«Кимнинг пули бўлса — ўшанинг келажаги бор. Пули йўқда келажак нима қилсин? Умуман... пули йўқ одам бу дунёда яшамаса ҳам бўлади», деб юрган одам ҳолсизланиб ётиб, ўзини ўзи овутарди. Ҳозир унга «Пулдорнинг аҳволи шуми? Пулдор одамнинг келажаги — кафанми?» дейдиган одам йўқ. Бундай фикр қоронғуликдаги ақлнинг қай бир қирраларини ёритади. Лекин у мазкур ҳақиқатни тан олишни истамайди. «Нима қилган бўлсам болаларим учун эди», деб ўзини ўзи ишонтирмоқчи бўлади...

«Ўзим йўқчиликка чидардим. Манзура ҳам чидарди. Болалар зориқмасин, дедим. Болаларим... ўлим олдидан уларни кўриш насиб этадими? Уларга нима дейман? Ҳа... «Рози бўлинглар», дейман. Зайнаб... рози бўлармикин? Балки... кўнглим учун «розиман», дер. Лекин... Мен уни бахтсиз қилдим. Ҳар нима бўлганда ҳам отарчига узатмаслигим керак эди. Мендан катта хатолик ўтди... Отарчини ўлдиришим керак эди... Ожизлик қилдим... Маҳмудга айтиб қўйишим керак... Мендан кейин уни ўлдирсин... Йўқ... Балки бундан бу ёғига яхши яшаб кетишар?..

Одамлар «Киши қачон ўлишини билса, юраги ёрилиб ўлади», дейишарди. Мен нимага талвасага тушмаяпман? Нега қўрқмаяпман? Ўлишим аниқ бўлиб қолди-ку? Лекин қачон? Эртагами? Ўн кундан кейинми ё ўн ойдан кейинми? Йў-ўқ... ўн ойга бормасам керак. Балки... эрталабгача ўларман. Яна бир йўтал тутса... жоним ҳам чиқиб кетар?..»

Шу хаёллар оғушида ётган Асадбек қайси бир худойида, қайси бир мулла айтган ривоятни эслади:

«Хорун ар-Рашиддан сўрабдилар:
— Ичаётган бир қултум сувингиз учун ҳақ сўрасалар нима берар эдингиз?
— Ярим давлатимни, — дебди Хорун ар-Рашид.
— Агар ичган сувингиз ташқарига қайтмаса, қайтариш ҳаққига нима берардингиз? — деб сўрабдилар.
— Қолган ярим давлатимни, — дебди Хорун ар-Рашид.
— Демак, давлатингизнинг қадри бир қултум сув экан-да, — деб хулоса чиқарган эканлар...»

Бехос ёдига тушган бу ривоят мағзини аввал чақиб кўрмаган, шунчаки бир чўпчак сифатида қабул қилган эди. Ривоятга яширинган фалсафани шу ётишда англади.

«Менинг давлатим эса биргина нафас, — деб ўйлади у. — Тўйиб-тўйиб нафас олишга зор бўлиб ўламан. Жоним йўтал билан чиқса ўлганимни билмай ҳам қолишади. Биров хабар олгунча сасиб ётавераман. Жағимни танғишади, оёқларимни боғлашади. Дод-вой... Ким йиғлайди?

Ўғилларим узоқда. Зайнаб дод солар балки... Яна бир-икки хотин қўшилар... Хотинларнинг ёлғондан бўлса ҳам йиғлаб тургани яхши. Бўлмаса бу уйдан ўлик чиққанини биров билмайди. Хотинларнинг йиғисисиз ўликнинг ҳам файзи бўлмаса керак... Манзура етиб келса бу ёғини ўзи эплаштиради! Йў-ўқ... у йиғламайди. Жалилнинг онаси ўлгандамиди... ҳа, ўшанда йиғисини эшитиб «Додлашни ҳам ўрнига қўяр экансан, ўлсам маза қилиб эшитиб ётаман», деб ҳазиллашганимда «Вой адаси, хотинлар эрига йиғламайди, айб бўлади», деган. Қизиқ... нима учун айб бўлади? Манзуранинг йиғлаши шарт ҳам эмас. Балки... қутулганига шукр қилар?.. Менга текканидан бери боши ташвишдан чиқмайди. Энди яйрайман, деганида болаларни ўқишга жўнатдим. Кейин чет элга юбордим. Уларни соғинди. Соғинди-ю, «Соғиняпман», деб зорланишга мендан қўрқди. Қизиқ... урмасам ҳам мендан қўрқади-я... Зайнабнинг ташвиши уни тамом қилди. Яхши ҳамки кейинги воқеалардан узоқроқда. Билса юраги ёрилиб кетарди. Келинларини бошлаб келиб роҳат кўраман, деганида мен чўзилиб ётсам... Бир жиҳатдан у келгунича жўнаворганим ҳам яхши. Ўлигимни кўрмаса бир-икки кун йиғлаб, кейин кўникиб қолади... Мени таниш-билишларимнинг ўзлари жойимга олиб бориб қўя қолишади. Жанозага тизилишади. Домла ақл ўргатади. Нима дейди? «Одам охир-оқибат ўлмоқ учун бу дунёга келади», дейдими? «Пенсияга чиққандан кейин намоз ўқийман, деб кутманглар, мана бу биродаримиз ҳам пенсия ёшига етмабдилар. Ўлмасингиздан олдин бир марта бўлса ҳам пешонангиз жойнамозга тегсин», дейдими? Ё «Ёғоч отга миниб келмасингиздан аввал ўз оёғингиз билан масжидга келиб туринг», дейдими? Кейин «Марҳумнинг яқинлари ким?» деб сўрайди. Ким чиқади? Ҳайдарми? Маҳмудми? Йўқ, Жалил чиқади. «Марҳум бировдан қарз олган бўлса, тўлайман», деб сўз беради. Тентак. Менинг кимдан қарзим бор экан? Одамлар мендан қарз. Лекин улар қарзларини келтириб беришмайди. Ўлганимдан хурсанд бўлишади. Балки ўшалар «Тезроқ ўла қолсин» деб дуо қилишаётгандир... Мен... Жалилдан қарзман. Ҳа... қарзим бор ундан. Ҳовли-жой олиб беришим керак эди. Маҳмудга тайинлаб қўйишим керак, мендан кейин олиб берсин. Кейин... кўтаришади. Тобутнинг бир чеккасидан ушлаш савоб экан. Мени кўтариш ҳам савобми? Одам йиғилади? Юзтами, мингтами? Шундан қанчаси хурсанд, қанчаси хафа?.. Жойимга ётқизишиб, бир кафтдан тупроқ ташлашади. Жойим... жойим қоп-қоронғи лаҳадми? Кейин... «Асадбек қанақа одам эди?» сўрашади. «Яхши одам эди», дейишади. Ҳа... Бу гаплари тўғри бўлади. Дунёдаги энг яхши одам — ўлик одам. Чунки у бировга ёмонлик қилмайди...»

Шу фикрга келган Асадбек қаддини кўтарди. Назарида шу ётишида ўлиб қоладигандай туюлиб ўрнидан турди. Шу пайтгача ўлимини ўйлаганида унча чўчимаётган эди. Ҳозир лаҳадда ётиши кўзи олдига келганда совқотаётган одамдай этлари жунжикди. Қўрқди. Ўлимидан эмас, лаҳадда ётишидан қўрқди.

Лаҳад — у дунё остонаси. Асадбек бу остонада ўзини нималар кутаётганини, қандай савол-жавобга мубтало бўлишини ўйламади. У қоронғу, зах лаҳадда ёлғиз ётишдан қўрқди. Нопок дил ила, имонсизлик ила ўз умрини вайрон қилишдан қўрқмаган одам лаҳадда ётишдан қўрқди. Тушида онаси айтган қабр азоби нима эканини билмай туриб, лаҳадга тушишдан қўрқди...

Назарида уй торайиб лаҳадга айланаётгандай бўлди. Юраги ўйнаб, дераза токчасидаги тугмани босди. Хасталикка чалинганидан кейин Чувриндининг топшириғи билан барча уйларга қўнғироқ тугмалари ўрнатилган, Асадбек болохонадаги йигитларни шу тугмалардан бирини босиб чақирарди.

Навбатчи йигит ҳаялламади.
— Жалил акангни олиб кел, — деди Асадбек унга.

Навбатчи йигит узоқлашгач, Асадбек яна қўнғироқни босди-да, изига қайтиб «Лаббай, Бек ака» деганича қўл қовуштирган йигитга:
— Жалилнимас, Маҳмуд акангни топ, — деб буюрди.

Асадбек Жалилни кўрмоқни истаган эди. Лекин «Мен пинғилласам, у бобилласа дилим хуфтон бўлар», деган ўйда кўнглига қарши иш қилди.

Чувриндини чақиртиришга чақиртирди-ю, «Ярим тунда овора қилишим шартми?» деб ўйлади.

Ўзини хаёлан лаҳадда кўрганидан сўнг уйда ёлғиз қололмас ҳам эди. У Чувринди келган тақдирда ҳам бу уйда кўнгли осойиш топмаслигини билиб, яна қўнғироқ тугмасини босди-да, остонада кўринган йигитга «Чақирма. Машинани олиб чиқ. Идорага борамиз», деди.

Хўжайиннинг ярим тунда келиши Бўтқа учун кутилмаган ҳолат саналарди. Тўғри, у Бек акаси куннинг исталган вақтида пайдо бўлиши мумкинлигини билади, ҳамиша шунга шай туради. Аммо уйида дам олиб ётган одамнинг ярим тунда йўлга чиқиши уни бир оз хавотирга солди.

Замон сал қалтислашгани сабабли кейинги ойларда тунги маишатлар асосан тўхтатилган бўлса-да, айрим кўнгли нозик акахонлар ҳануз бу ертўлага қўниб туришарди. Бу тун ҳам кичик улфат айш сураётган дамда Асадбекнинг ташрифидан огоҳ бўлинди-ю, тезгина тарқалинди. Бўтқа «Бек акам кеннайимсиз сал қийналгандирлар», деган ўйда ҳар эҳтимолга қарши, ўз таъбири билан айтилганда иккитагина «қушча»ни учириб юбормай, олиб қолди.

Видеобардагилар уй-уйларига жўнаган бўлсалар-да, улардан мерос қолган ароқ ҳиди, сигарет тутунлари ҳали тарқамаган эди. Асадбек ичкари кириши билан Бўтқани бўралаб сўкди.
— Йиғиштир демаганмидим бу ишларни! — деб, қулочкашлаб урди.

Зарба кучли эмасди. Шу боис Бўтқа бир тебранган бўлди-ю, йиқилмади. Аслида бу зарбага чап бериши мумкин эди, аммо хўжайиннинг муборак қўллари қуруқ қайтмасин деб жағини тутиб берган эди.
— Акахонлар илтимос қилишувди, йўқ дея олмадим, — деди айбдор боланинг ҳолатида.
— Ким у акахонларинг?

Бўтқа Асадбек ҳурмат қиладиган икки одамнинг номини айтишга айтиб, «Ишқилиб текшириб қолмасин-да», деб чўчиди. Агар бу одамларнинг бугун келмагани Асадбекка маълум бўлсами, бир-икки мушт билан қутулолмаслигини у яхши билади. У ҳожасига ёлғон гапириш мутлақо мумкин эмаслигини ёдида сақласа ҳам баъзан шунақа алдовлардан фойдаланишга мажбур бўларди. Хайриятки, бу сафарги ёлғони уни маломатдан қутқарди.

Асадбек тўғрига, иш юритадиган хонасига эмас, чапдаги хос хонага кириб, диванга ёнбошлади-да, остонада буйруққа маҳтал турган Бўтқага қараб:
— Ниманг бор, олиб кел, — деди.

Бўтқа шу туришида эгасининг кўзига мўлтиллаб қараб, думини ликиллатаётган кўппак ҳолатида эди. У ҳожасининг кўнгли нима тусаётганини билгандай видеога хориж филмини қўйгач, дастурхон тузаш тадоригини бошлади. Ўзи ошхонада масаллиқларни тайёрлаб турди. Олиб қолган икки «қушча»си эса хизматда бўлди. Оқ ҳарир кўйлакдаги «қушча»лар хонага гўё сузиб кирдилар. Ичимлик, емакларни карашма билан қўйиб, карашма билан чиқдилар.

Асадбек бу ёққа келаётганида қизлар билан маишат қилишни ўйламаган эди. Унинг мақсади уйидан сал четроқда бўлиш, кўз олдига келтиргани — лаҳадда ётиш манзарасидан узоқлашиш, бирор пиёла ароқни симириб сархуш бўлиш эди. Қизларни кўргач вужудида шаҳват уйғона бошлади. Яқиндагина лаҳадда ётишдан қўрққан одам бу дунёнинг жаннатида ҳузур қилишни аълороқ деб билди.

Адашган бандагина ҳаётнинг лаззати шароб ва зинода деб билади. Бунинг алдамчи лаззат эканига ақли қосир банданинг фаҳми етмайди. Шароб ва зино лаззати данак устини яламоқ кабидир. Чин лаззат эса данак устида эмас, мағзида эканини англамоқ шу қадар мушкулми? Бу данак ақл билан чақилади. Ақл шу даражада заифми? Чин лаззат — руҳ лаззати эканини Асадбек ҳам билмайди. У ароқни қуйиб ичиб, телевизорга тикилгач, вужудида ўт аланга олди. Қизлар киргач, бирини ёнига чақирди. Қизлардан бири чақирилган бўлса-да, иккинчиси ноумид чиқиб кетмай, дугонасига эргашиб яқинлашди. Бўтқадан аниқ кўрсатма олган «қушча»лар бу касалманд, беҳол одамнинг кўнглини овлашга тушдилар. «Бу одам хастага ўхшайди, касали юқиб қолмасмикин?» деб мулоҳаза ҳам қилиб ўтирмадилар. Яхши хизмат учун яхши ҳақ олишлари уларни бундай мулоҳазалардан бенасиб этарди.

Қизлардан бирининг лабига лабини босиб, сўнг ноз билан «Оҳ!» деб қўйиши Асадбекнинг бошига гурзи каби урилди — у гўё қизи Зайнабнинг овозини эшитгандай бўлди.

Ўша шармандали кунда, учинчи қаватда, эшик ўрнига тутилган парда ортидан Зайнабнинг шундай овози келган эди. Орадан кунлар ўтганига қарамай Асадбекни бу овоз ҳоли қўймасди. Дам-бадам эслаб, юраги зирилларди.

Ҳозир яна ўша овоз...

Фақат...

Фақат ҳозир бошқача оҳангда эшитилгандай бўлди.

Ҳозир...

Ҳозир нечундир унда шаҳват оҳанги йўқ эди.

Ҳозир... «Оҳ, отажон!» дегандай нола бор эди.

Асадбекнинг кўз олди қоронғулашди.

Аввал...

Аввал чироқ ўчгандай бўлди.

Зим-зиё тун...

Сукунат...

Йўқ, қора тун эмас.

Қора тун чекинди.

Унинг ўрнига... қонли тун босди.

Ўша шармандали кунда, қалбига ўлим байтлари ёзилганини билмай эшик ўрнига парда тортилган хонада айшини сураётган йигит танасидан сачраган қон девордан сизиб оққани каби қон сели бости-риб келди. Аввал тизза бўйи, сўнг бўғзигача чиқди. Сўнг... тамоман қон кўлига ғарқ бўлди. Нафаси қайтди.

Барчаси бир неча сонияда юз берди. Асадбекнинг бошига урилган гурзи унинг ақлини тамоман шол қилди. Агар иккинчи қиз ҳам нозли тарзда овоз бермаганда Худо билади, бу шоллик қанча давом этарди. Ана шу нозли овоз иккинчи гурзи бўлиб миясига урилди. Иккинчи гурзи унинг ақлини шолликдан қутқарди. Кўз олди равшанлашди. Аммо оқ ҳарир кўйлакдаги қизлар қора либосдаги ажиналар каби кўриниб, уларни силтаб ташлади. Бундай зардани кутмаган қизлар қўрқув аралаш қичқириб юбордилар. Бу чинқириш Асадбекка юлишга шайланган мушукни эслатиб, ирғиб ўрнидан турганича уларни тепиб қолди. Қизларнинг чинқириғини эшитиб югуриб кирган Бўтқа кўзлари косасидан чиқай деб турган ҳожасининг аҳволини кўриб, қўрқиб кетди. Асадбек тепки билан қаноатланмай, стол устида нима бўлса бир-бир ота бошлади. Бўтқа сониялик саросимасини енгиб, ҳожаси қаршисига югуриб келди-да, уни маҳкам қучоқлаб олди.
— Бек ака, жон Бек ака, сизга нима бўлди? Ўзингизни босинг. Бек акажон, — деб овута бошлади.

Бўтқанинг кучли қучоғидан чиқа олмаган Асадбек энди оғзига келганини қайтармай сўкина бошлади. Кейинги йиллар ичи тилга олмай қўйган сўкишлар ҳам тўғонни бузган оқим каби қуюлиб келаверди. Асадбек сўкаверди, Бўтқа эса «Бек акажон!» деб унинг елкаларини силаб овутаверди... Ниҳоят ҳукм янгради:
— Ҳайда! Ҳайда қанжиқларни... Шу ёшдан-а... Қип-ялангоч ҳолича ҳайда!
— Бек акажон, совуқ-ку? — деб эътироз билдирмоқчи бўлди Бўтқа.
— Ҳайда! Совуқда шамоллаб ўлса яна яхши. Иккита шилта камаяди.
— Хўп бўлади, Бек ака.

Бўтқа амрни ижро этмоқ учун ҳожасини қучоғидан бўшатгани ҳамон жағидан мушт еди.
— Сен ҳаромини чотингни йириб осаман! Сен ҳали қаланғи-қасанғи акахонларингнинг нушхўртини менга раво кўрдингми?
— Бек ака, жон хўжайин, унақа деманг, улар тегишмади. Булар свежийларидан эди, — деб ўзини оқлади Бўтқа.

Бу эътирози эвазига яна бир мушт егач, «Мен буларни чиқариб юборай», деб чекинди.

Асадбек холи қолгач, диванга чўкиб ўтириб бошини чангаллади. Ҳозиргина қий-чувга тўлган хонани сукунат забт этди. Сукунат ҳукмидан унинг қулоқлари шанғиллай бошлади. Шу даражада шанғилладики, назарида қулоқларига жон бериб турган томирлари ёрилиб кетгандай туюлди. Ана шу сукунат шовқини орасида Жалилнинг овози эшитилгандай бўлди. Асадбек унинг овозини эшитмаслик учун қулоқларини кафти билан беркитди. Лекин бу фойда бермади. Жалилнинг овози сукунат шовқинини босиб, жаранглаб эшитилди:

«Худодан қайтибди... Сен маишат қилган қизларнинг ҳам ота-оналари бор эди, улар ҳам эзилгандир... Худога нолалар қилгандир... Худо кар эмас, бу оҳларни эшитгандир?..»

«Бўлди, гапирма!» деб пичирлади Асадбек инграб.

«Худодан қайтибди...»

«Гапирма деяпман, бўлди қил», деб яна пичирлади Асадбек.

«Худо ҳамма нарсани кўриб, билиб туради...»

«Бўлди! Бўлди, деяпман!»

Бу сафар бақириб юборди.

Қизларни кузатиб қайтган Бўтқа остонада чўчиб тўхтади. Сўнг тез юриб келиб ҳожаси қаршисида тиз чўкиб, билагидан ушлади.
— Хўжайин, жон хўжайин...

Бўтқанинг овози сукунат шовқинини ҳам, Жалилнинг акс-садоли товушини ҳам қувиб чиқарди.

Асадбек яна бир неча фурсат қимир этмай ўтирди. Сўнг ўзича «Гапларинг тўғри, оғайни. Сен ҳамиша тўғри гапиргансан», деб қўйди.

2

Кесакполвон Жалилга берган ваъдасига кўра шом чоғида уникига кириб келди. Шом намозини ўқиб чиққан Жалил у билан кўриша туриб, ошкора тарзда бурнини жийирди. Жалил мактабда ўқиб юрган чоғларида ҳам уни хушламасди. Асадбекка бир неча марта «Шу боладан нарироқ юр», деди. Кейин индамай қўйди, аммо ёмон кўришини ҳеч вақт яширмади. Кесакполвон буни яхши билади. Лекин Жалилнинг гапларини ҳазил деб билиб, тиржайиб юраверади. У Жалилнинг Асадбекка таъсир ўтказа олишга қурби етишини билгани учун ҳам ҳар қандай ҳақорату сўкишларига чидайди.
— Бунақа сасиб юрадиган бўлсанг келма, девдим-ку?
— Окахон, бугун оғзимга олмадим. Бу кечагининг ҳидидир. Бўлди, энди тавба қилдим. Иккинчи қайтарилмайди, — деди Кесакполвон.
— Сенинг тавбанг нима-ю, лайчанинг ангиллаши нима.
— Эе-зворинг-а, эззворинг... — деди Кесакполвон кулиб.

Жалил стол устидаги қоғоз халтага қаради-да, бир учи кўриниб турган колбасани тортиб чиқарди:
— Бу нима? — деди зарда билан.
— Ҳа, энди қуруқ келмай дедим, болаларга...
— Сенга биров «Жалилнинг болалари ҳаром нарса ейди» девдими?
— Ие, нега ҳаром бўларкан? Ҳозир искаладга кириб олдим. Отлиққа ҳам йўқ, бу зўридан, окахон.
— Зўрими? — Жалил шундай деб деразани очди-да, пастга бир қараб олиб, сўнг колбасани кўчага ирғитди.
— Ий-я, — деди Кесакполвон ажабланиб, — емасангиз нега исроф қиласиз?
— Ҳаромни ит-мушуклар есин. Биронта мусулмоннинг ҳалқумини ҳаром қилмасин.
— Оббо... — деди Кесакполвон, энсаси қотиб.

Жалил қоғоз халтанинг ичига қараган эди, Кесакполвон:
— Буниси гўшт. Қассобники. Ҳаппаи ҳалол, — деб изоҳ берди.
— Сенинг қўлингга тушгунча ҳалол бўлгандир. Буни ҳам ҳаром қилибсан. Олиб кет, ўзинг е.
— Нега ҳаром бўларкан. Қассобники ахир?
— Ҳаром колбасанг теккан унга.
— Об-бо... жа-а тор олиб юборасиз-да, окахон. Бўпти, ўзимизга тан, яна буни ҳам ташлаб юбор- манг. — Жалил шундай деб қоғоз халтани олиб остонага яқинроқ ерга қўйди.

Жалил Кесакполвоннинг тезроқ чиқиб кетишини истаб, унга савол назари билан тикилди. Кесакполвон мезбоннинг мақсадини англади. Аммо дафъатан муддаони айтолмай, чўнтагидан сигарет чиқарди.
— Бу ерда чекма, — деди Жалил, ундан нигоҳини узмаган тарзда.
— Об-бо... — деди Кесакполвон норози оҳангда, — одам деганни шунақанги эз-зиб, қон қилиб юборасизми, а?

Жалилнинг тилига «Сен ҳали одаммисан?» деган киноя келди-ю, бироқ, ҳаддан ошириб юбормай, деб гапини ичига ютди-да:
— Менда ишинг бормиди? — деган савол билан Кесакполвоннинг мушкулини осон қилди.
— Ишми?.. Ҳа, иш бор... Лекин бу иш эмас, маслаҳат. Тўғрироғи иккаламизга тегишли иш.
— Иккаламизга? Мен сен билан ҳамтовоқ бўлмагандим шекилли? Чайналмай, дангалроқ гапир.
— Бу... дадил айтадиган гап эмас-да... Келинг, бир чекиб олай, бўлмаса, ёрилиб ўламан.
— Бўпти, чек, ёрилиб ўлсанг, яна товонингга қолиб юрмай, — Жалил шундай деб деразани қия очди-да, ёнига стул қўйди. — Шу ерда ўтириб чек, уйни саситма.

Кесакполвон бир-икки тутатди-да, Жалилга қарамаган ҳолда сўради:
— Асад... Красноярда касал бўлибмиди?
— Ҳа... — деди Жалил унинг бу ҳолатига тушунмай. — Нимага сўраяпсан?
— Дўхтирлар кўришдими, нима дейишди?
— Шамоллаган экан. Бир ҳафта яхши қарашди.
— Бир ҳафта... Шамоллаган одамни бир ҳафта қарарканми?
— Нима демоқчисан?

Кесакполвоннинг мужмаллиги Жалилнинг ғазабини қўзғатди, айни чоғда хавотирга ҳам солди.
— Бекнинг йўтали менга ёқмаяпти, — деди Кесакполвон сигарета бурқситиб.
— Йўтали анча чўзилди... Менга қара, сен нега мижғовланяпсан? Мақсадингни айт.
— Мақсадми?.. Окахоним, ҳаммага ақл ўргатасиз, дуч келганни бобиллаб сўкиб, қопасиз-у, ошнангизнинг аҳволини билмайсиз.
— Гапни чўзма, деяпман!
— Бекнинг касали оғир. Тузалиши қийин бўлган касалданмиш. Лекин у яширяпти.
— Тузалиши қийин?.. Қанақа касал?
— Қанақа касал?! — Кесакполвон жаҳл билан ўрнидан турди-да, бармоғига қистириб турган сигаретини ташқарига отди. — Галварсмисиз? Ё меровмисиз? Касали — рак! Энди тушундингизми?
— Сен... бола, валдирама! — деб бақирди Жалил. — Ёмон нафас қилма!
— Ёмон нафас эмиш... Ёмон нафас эмас бу. Дўхтирларнинг хулосаси шунақа. Бу Красноярдаёқ маълум бўлган.
— Бекор айтибсан! Маълум бўлганида мен билардим.
— Катта кетманг. Буни фақат икки киши билади: Асаду Маҳмуд.
— Сен-чи? Сен қаердан била қолдинг?
— Учинчи одамдан... дўхтирдан.
— Олиб кел ўша дўхтирингни.
— Йўқ, у келмайди, келолмайди.
— Нега?
— У «Ҳеч кимга айтмайман», деб қасам ичиб, сўнг қасамини бузган. Бек қасамини бузганларни кечирмайди. Бу гап орамизда қолсин, а?
— Ишонмайман.
— Ишонмасангиз ҳам бир ишни қилиш керак. Бек ўлимни бўйнига олганга ўхшайди. У аҳволидан бошқаларнинг хабар топишини истамаяпти. Унинг ҳозир бирдан-бир сирдоши — Маҳмуд. Нега минг йиллик қадрдони — сиз эмас, мен эмасман, нега Маҳмуд?
— Уни яхши кўради. Укасига ўхшатади...
— Яхши кўришини биламан. Лекин Маҳмуд-чи? Нега у ҳеч бўлмаганда сиз билан мени огоҳ қилмаяпти? Фикри бузуқ у боланинг! Бекнинг ўлими — унинг тўйи бўлиши мумкин. У Бекнинг ўрнини эгаллашни ният қилган. Шу сабабли мендан яширади.
— Бу энди ўзларингнинг ишларинг. Асадга бир нима бўлса ўша заҳоти бир-бирларингнинг гўштларингни ейишни бошлайсанлар. Аммо билиб қўйларинг: ҳамманг хор бўлиб, қирилиб кетасанлар. Худо сенларни жазосиз қолдирмайди.
— Шу ерда тормозни босинг, окахон. Шу ерда бирпас тўхтанг. Сиз мени билмагандай гапирасиз-а... Агар Азроил келиб «Қайси бирларингнинг жонингни олай?» деса мен ўзимни рўпара қиламан. Асад... ўлмаслиги керак, ўлмайди... Дўхтирлардан иш чиқмайди. Улар жанозани ўқиб бўлишган. Лекин бир одам бор экан. Ўша тузатиши мумкин экан. Мен унинг олдига бордим. Эшшакдан баттар қайсар бир чол экан. «Бормайман, касалингни кўрмайман», деб туриб олди.
— Ким экан у?
— Э, бир қари чол ўзи... — Кесакполвон Абдураҳмон табиб билан бўлган учрашувни қисқа тарзда баён қилди. Унинг улоқчи отларини отиб ташлашни буюрганини эса айтмади.
— Асадни олиб борамиз, — деди Жалил бир оз мулоҳаза қилгач.
— Овора бўлманг, бормайди. Бек табибларга ишонмайди. Оғайнингизнинг ҳам эшшакка ўхшаган қайсар феъли бор, биласиз-ку... Айниқса, касалидан хабар топганимизни билса, ёмон бўлади... Ўша табибнинг олдига... сиз бориб келинг.
— Мен борсам келарканми?
— Келади... У эш-шак мендақаларни ёқтирмас экан. Камбағалпарвар эмиш. Уни уйингизга олиб келсангиз, Асадни бир баҳона билан чақирамиз.

Кесакполвоннинг бу эҳтиёткорлиги Жалилга ёқмади. Бир кўнгли ҳозироқ ошнасининг олдига бориб, «Нега касалингни мендан яширасан, тур, кетдик, табибга!» демоқчи ҳам бўлди. Кейин эса, дўстининг хасталигига эътиборсиз қарагани учун ўзини ўзи койиди. Кесакполвоннинг фикрларида маъно бордек туюлиб, ўйланиб қолди.
— Ўзингиз бормасангиз бўлмайди, — деди Кесакполвон.
— Бўпти, эрталабгача бир мулоҳаза қилиб кўрай. Борсам боравераман.
— Эрталабгача кутиб нима қиласиз? Машина тайёр.
— Мана бу каллани Худо ўйлаб иш юритиш учун яратган. Эрталаб бешда келасан.
— Гап йўқ, ўғил бола! — деди Кесакполвон унинг кўнганидан қувониб. Бешу нол-нолда шу ердаман.

У шундай деб эшикка яқинлашганида Жалил уни тўхтатди:
— Гап шу: билиб қўй, сен бормайсан.

Кесакполвон бу шартга бажонидил рози бўлиб, кулиб қўйди.

Жалил туни билан ухламади. Унинг безовталигини сезган Қамара «адаси, мазангиз бўлмаяптими?» деб меҳрибонлик қилиб, шунинг эвазига «ширингина» сўкиш эшитиб олди. Бунақа пайтда эри дуч келган одамга нишини санчиши мумкин эканлигини билгани учун бошқа индамади.

Жалил уйига сиғмади. Кўчиб келганидан бери энди уйи тор, жуда тор туюлди. Деворлар унинг устига тоғ қоялари каби бостириб келиб, бўғгандай бўлди. Ошхонага чиқиб, муздек сув симирди. Меҳмонхонада у ёқдан-бу ёққа юрди. Сўнг... кийинди. Кўчага чиқди. Асадбекникига бормоқни ният қилиб, машина тўхтатди. Ҳайдовчи машинасини юргизиши билан тирикчилик оғирлашганидан шикоят қилиб, «бола-чақанинг ризқини деб ярим кечада юрганини» айтганида Жалил ҳақни тузукроқ тўлаши лозимлигини уқиб, ғижиниб қўйди.

Бошқа пайт бўлганида машинани тўхтатиб, тушиб қоларди ёки ҳайдовчига «ширин» гапларидан уч-тўрттасини айтиб кўнгил ғуборини ёзарди. Ҳозирги кайфияти, шароити унисини ҳам, бунисини ҳам кўтармади. Индамай кетаверди. Машина Асадбекнинг дарвозаси қаршисига етганда «тўхтат», деб буюрди-да, чўнтагига қўл солди. Кўчага пулсиз чиқиб келавергани шундагина маълум бўлди.
— Ука, хаёл қурсин, пул уйда қолибди. Бирпас кутинг, кираману чиқаман. Қайтиб боргандан кейин хурсанд қиламан, — деди Жалил хижолат бўлиб.
— Братан, рўлда ухлаб қолай деяпман. Қайтиб олиб боролмайман.
— Тўхтаб туринг бўлмаса, — Жалил шундай деб дарвоза томон юрди. Уни таниган йигитлардан бири деразани очиб, салом берди.
— Ўн сўм бериб тур, — деди Жалил унинг саломига алик олиб.

Йигит пастга тушиб машина томон юрганида Жалил унинг йўлини тўсди.
— Ўзим бериб қўяман, — деди йигит.
— Сенларнинг пулни қанақасига бериб қўйишларингни биламан. Ўзимга бер, — деди Жалил.

Йигит кулиб, чўнтагидан пул чиқариб берди.

Машина кетгач, Жалил дарвозахона томон юрди.
— Хўжайин йўқлар, — деди йигит унга эргашиб.
— Нега йўқ бўлади? Қаёққа кетди?
— Бир ёққа кетувдилар, — деди йигит мужмаллик билан.
— Ўзи соғми? — деди Жалил остонада тўхтаб.
— Худога шукр, соғлар. Бизнинг кулбага чиқиб ўтира туринг. Чой-пой қиламиз, — деди йигит.
— Йўқ, мен кетдим бўлмаса. Сен... менинг келганимни хўжайинингга айтма. Соатинг неччи бўлди?
— Уч, — йигит билагидаги соатга қараб олди.
— Мени уйимга олиб бориб қўя оласанми? — деди Жалил.

Йигит «Гап йўқ, окахон», деди-да, дарвозани очиб, машинани олиб чиқди.

Жалил манзилига етиб, машинадан тушгач, ўрнида бир оз туриб қолди. Уйига киргиси келмади. Изғиринли шамол туриб, баданига совуқнинг игналари санчилганида ҳам иссиқ ўрнига шошилмади. Дастлаб Кесакполвоннинг гаплари унга уйдирма бўлиб туюлган эди. Вақт ўтгани сайин, ўй ўйлагани сайин бу уйдирма ҳақиқатга яқинлашиб, у хавотир оловида қовжирай бошлади. Ўтаётган вақтнинг ҳар дақиқаси дўстининг ўлими онига шошаётгандай туюлиб, Кесакполвон айтган вақтда йўлга чиқмагани учун афсуслана бошлади.

Бир неча фурсат ҳайкал сингари қотиб тургач, юзига шамол келтириб урган майда ёмғир томчиларидан сесканиб аста юра бошлади. Йўлакка етиб боргач, ичкарига қадам қўйгиси келмай, изига қайтди.

Шаҳар осмонига эгалик қилаётган булутни шамол суриб кетар, бир неча соатдан сўнг тун ҳукми ҳам адоғига етар, аммо Жалилнинг қалбини зулумот пардасига ўраган ташвиш пардаси қачон, қай тарзда кўтарилар экан?

Кесакполвон кеча оқшомда «Ошнангиз касал», демасдан «Ошнангиз ўлди», ёки «ўсал ётибди», дейиши ҳам мумкинмиди?

Жалилнинг хаёлига шу фикр келиб, бутун аъзойи баданини титратиб юборди.

Шу пайтгача қанча дўсти бу дунёни ташлаб кетди. Уларнинг ўлими ҳақидаги хабарни эшитганида «Нега ўлади, ҳали ёш эди-ку?» деб ўйлади. Бу ғофил банда «Ўлим ёш танламайди», деган оддий ҳақиқатни тан олишни истамайди. Кўп қатори «Умримизнинг ярмини яшаб қўйдик, бу ёғи оз қолди», деб юргани билан «Оз қолган қисмини» ўзича йигирма-ўттиз йил деб чамалаб юради. Билмайдики, умри йигирма-ўттиз йил эмас, балки йигирма-ўттиз кун, балки йигирма-ўттиз дақиқагина қолгандир... Балки бирон хасталик ўлимнинг хабарчиси сифатида келгандир. Балки... ўлим хабарчисиз, тўсатдан бостириб келар...

Жалил охирги учрашувни, Асадбекнинг гаплари, болаликда бирга ўсган дўстларини қўмсаганини эслади. «Қарашлари маъюс эди. Мен — галварс, шунга ҳам эътибор бермадимми? Ўлими олдида болаларни бир кўриб қолай, деган экан-да... Нега менга ёрилмади? Нега «Аҳволим шунақа, оғайни», демади? Шотирларидан яшириши тўғри, улар хўжайинлари ўлмай туриб, мол-дунёни бўлиб олишга киришадилар. Мен-чи?.. Шу ҳолича ҳам мағрурлигини қўймайди-я?! Шу пайтгача менга бирон марта ҳам шикоят қилмаган эди. Хор бўлганида ҳам, зор бўлганида ҳам бировга бўйин эгмаган эди... Энди... ўлими олдида бўйин эгарканми?.. Мен доим унга қаттиқ-қаттиқ гапириб келдим. У нотўғри ҳаёт кечирди. Адашди. Нима учун туғилиб, нима учун яшаётганини билмади. Шу Ҳайдар паканани одам деб билиб, ўша билан ҳамтовоқ бўлди. Мол-дунё тўплади... Мол-дунё қолади, бола-чақа ҳам қолади... Ўзи кетади... Ёлғиз ўзи... Наҳот чораси бўлмаса?..»

Жалилнинг юраги хаприқиб, чўкаётган одам хасга тирмашгани каби у Абдураҳмон табибга ошиқди.

Кесакполвон айтилган вақтга етиб келди. Жалил хотинига «Бир-икки кун бўлмайман», деди-ю, жўнади. Эрининг ҳаловати йўқолганидан ташвишланаётган Қамара «Қаёққа кетяпсиз?» деб сўрашга ҳам чўчиб, хавотир чодирига ўралганича қолаверди.

Ҳайдовчи йигит чапдастгина эди. Йўлда юришнинг қонун-қоидалари бор, деб ўтирмай, машинани елдай учириб борди. Яхшики, машинада қанот йўқ, бўлсами эди, росманасига учиб кетиши ҳеч гап эмасди. Бошқа шароит бўлганида Жалил «Онангникига шошасанми?» деб койиши мумкин эди. Юраги хаприқиб, шошилиб тургани учун тезликдан бир оз хавотирда ўтирса ҳам индамади. Улар манзилга кун қиёмдан оққанда етиб келишди. Қишлоққа кираверишдаги чойхона ёнидан ўтишаётганда Жалил ҳайдовчига «Тўхтат мошинани», деб буюрди.

Кун салқин бўлишига қарамай, етти-саккиз қария айвонда давра қуриб, чойхўрлик қилиб ўтиришарди. Машинадан одам тушганини кўрган чойхоначи ичкаридан чиқиб, меҳмонни қаршилади. Жалил салом бериб кўришгач:
— Мачит қаерда? — деб сўради.
— Мачитгача яна пича юрилади, — деди чойхоначи. Сўнг афсус оҳангида қўшиб қўйди: — Лекин... биродари азиз, мачитимиз қулф...
— Қулф? Нимага қулф бўлади? — деб ажабланди Жалил.
— Билмасам... катталар қулф солдирганлар.

Шаҳарда ҳам шундай воқеалар содир бўлганидан Жалилнинг хабари бор. Лекин мачитларни ёптирган катталар аллақачон ишдан олиниб, беркитилган мачитлар яна қайта очилган эди. Ҳали ҳам ғафлат уйқусидаги бу қишлоққа янгиликнинг етиб келмагани Жалилни ажаблантирди.

Жалилнинг ўйланиб тургани сабабини билмаган чойхоначи ўсмоқчилаб сўради:
— Биродари азиз, мачитда қандай юмушингиз бор эди? Ё бировни излаб келдингизми?

Бу савол Жалилга ғалати туюлиб, заҳарли жилмайди:
— Мачитга нима учун борилади? Намоз ўқимоқчийдим.
— Ўзим ҳам шунақадир, деб ўйловдим, — деди чойхоначи очиқ чеҳра билан. — Мачитга қулф солишганидан бери шу ерда беркитиқча ўқияпмиз намозимизни. Ичкари киринг, биродар. Биз яқингинада пешинни ўқидик.
— Шаҳарда янги мачитлар қурилиб ётибди-ю, сизлар бу ерда «Катталар қулф урдирган», деб ўтирибсиз. Ўша катталарингиз чиққан жойига кириб кетган. Шартта бориб қулфни бузиб, намозни ўқийвериш керак. Ҳозир биров «ғинг» демайди.
— Биз билмасак, биродари азиз. Бизлар оми одам бўлсак, — чойхоначи шундай деб ўзини оқлади-да, Жалилни ичкарига бошлади.

Жалил фарз намозини қаср қилиб ўқиб, тезгина чиқди. Чойхоначининг «Меҳмон намоз ўқиркан, яхши одамга ўхшайди», дегани таъсир қилиб, қариялар айвонда Жалил кўриниши билан ўринларидан қўзғалишди. Жалил улар билан қўшқўллаб сўрашгач, мезбонларнинг ўтинчига кўра тўрга чиқиб ўтирди-да, Собитхондан ўрганган «Робби анзилни мунзалан муборакан ва анта хойрул мунзилин», дуосини ўқиб юзига фотиҳа тортди. Қарияларнинг ҳар бирлари у билан лутфан сўрашдилар. Жалилга яқинроқ ўтирган қария унга бир пиёлада чой қуйиб узатди-да:
— Қани, меҳмон, бир гурунг беринг бизга, — деди.

Қарияларнинг илтифотидан руҳланган Жалил ўзининг «чала мулла» эканлигини унутиб, ундан-бундан эшитган диний маърузаларидан эсида қолганини айтиб, ўз кўнглида даъват қила бошлади. Унинг бу даъвати умри сут ичиш билан ўтган одамга ношуд табибнинг сут ичиш фойдаси хусусидаги насиҳатига, ёинки етмиш-саксон йиллик умрини далада ўтказган деҳқонга кечагина ўқишни битириб келган агроном томонидан шудгорнинг афзаллиги ҳақида қилинган маърузага ўхшаб кетарди. Жалил бечора бу ўтирганлардан иккитасининг Бухорои шарифда мадраса таҳсилини кўрганлигини қаердан билсин?

Жалилнинг «илм бисоти» тугаб, гаплари бир тоғдан, бир боғдан бўла бошлагач, меҳмоннинг иззатини қилиб индамай ўтирган чоллардан бирининг тоқати тоқ бўлиб, суҳбатга аралашди:
— Биродар, биз томонларга қайси шамол учирди?
— Яхши одамнинг шамоли, — деди Жалил. Сўнг мақсадини айтди.

Унинг келишидан мақсадини тахминан чамалаб ўтирган қариялар бош эгиб, жим қолишди. Суҳбатни узган қария эса Жалилга қараб бош чайқади:
— Нафсиламрни айтганда, биродар, муддаога етмаёқ изингизга қайта қолганингиз дурустмикин?
— Нима учун? «Бормайдилар» демоқчимисиз? Ахир табиб дегани одамларни даволаши керак-ку? — деб ўзича ҳақиқатни «кашф» этди Жалил.
— Шунақа дейсизу биродар, омма Абдураҳмон ака ўзларини табиб санамайдилар.
— Нега? — деб ажабланди Жалил. — Довруқлари бутун оламга таралган бўлса...
— Шунақаку-я... омма, Абдураҳмон ака табибликни касб қилмаганлар. Тузата олишга кўзлари етса муҳтожларнигина боқадилар. Шифо — Оллоҳдан, Абдураҳмон ака бир воситалар холос.
— Қизиқ... — Жалил эътироз билдирмоқчи эди, қария сўзни узди:
— Бир неча кун бурун шаҳар одамлари чиқишиб, Абдураҳмон аканинг таъбларини хира қилибдилар.
— У-бу нарса дебдиларми?
— Нималар дейишганлари бизларга қоронғу. Омма, улар кетганларидан сўнг йўлда тақсиримнинг улоқчи отларини отиб кетишибди-да...
— Отиб кетишибди? — Жалилнинг кўз олдига Кесакполвон келди-ю, ичида «Оббо ҳароми-э, ишнинг ишкалини чиқариб қўйиб, мени рўпара қилаётган экан-да...» деб ўйлади.
— Ҳа, отиб кетишибди. Шаҳардан келганингизни билсалар, Абдураҳмон ака сиз билан сўзлашмасалар ҳам керак. Феъллари нозик жуда.
— Ўша отларни ростдан ҳам шаҳарликлар отганми?— деб сўради Жалил.
— Буниси ёлғиз Оллоҳгагина маълум. Менинг билганим шуки, ўша куни худди шу аробада келишган эди, — қария шундай деб кўчада турган «Жигули»га қараб қўйди.

«Тамом, — деб ўйлади Жалил. — Бу — ўшанинг иши! Чоллар зийрак. Адашишмайди, ёлғон ҳам гапиришмайди...»
— Шаҳарда бунақа мошинлар кўп, ўхшатаётгандирсиз? — деди Жалил «Зора адашган бўлса?» деган илинж билан.
— Тўғри айтасиз, биродар, бунақаси кўпдир эҳтимол. Омма нўмираси бундайин бир хил бўлмасов. Икки нўлу, икки беш. Эсдан чиқмайдиган нўмира.

Қария бу гапи билан жон томирига болта урган эди. Жалил бошқа гапирмаса ҳам бўларди. Лекин индамай туриб кетишни ўзига эп билмай, сўнгги умидини айтди:
— Чиқмаган жондан умид, балки бир учрашсаммикин?.. Мен бу болани... яхши танимайман. Кира қилиб келаётувдим. Балки мендан аввалгилар...

Қария унинг ёлғонига йўл бермай, гапини кесди:
— Агар менинг маслаҳатимга кирадағон бўлсангиз, бориб овора бўлманг. Касалингиз оёқда тура олса, ўзини олиб келинг. Лекин бунақа аробани бўлак кира қила кўрманг. Худо кўнгилларига солса, балки хаста одамингизни боқарлар...

Гапни чўзишга ёки ланжлик қилишга ҳожат йўқ эди. Жалил чой ҳамда маслаҳат учун миннатдорлик билдириб, кетишга изн сўради.

Шаҳар остонасига етишгач, Жалил ҳайдовчига «Акангникига ҳайда» деб буюрди. Буйруқ итоаткорлик билан бажарилди. Аммо Кесакполвон уйида йўқ эди. «Кечаси ҳам уйида ўтирмайди, бу ҳароми», деб ўйлади Жалил, кейин:
— Аканг қаерда бўлиши мумкин? — деб сўради.
— Худо билади, — деди ҳайдовчи елка қисиб.
— Топишинг керак! — деди Жалил буйруқ оҳангида.
— Топиш керак бўлса, топамиз, — деди йигит.

Шундан сўнг аввал «қозихона»га ўтдилар. Бу ерда кам учрайдиган ҳолат — жимлик ҳукмрон эди. Жалил «қозихона»да қандай ишлар амалга оширилишидан бехабар эди. Шу боис «Кечаси чойхонада нима қилади, калланг борми?» деб тўнғиллаб қўйди.

Кесакполвон кириши мумкин бўлган яна икки уйга мўралаб ўтишгач, машина шаҳар марказидаги уч қаватли бино олдида тўхтади. Йигит иморат ертўласидаги видеобарга бир «шўнғиб» чиқиб, хўжайинининг шу ерда эканини маълум қилди.

Жалилни остонада кутиб олган Бўтқа уни Кесакполвон ўтирган хонага бошлади. Жалилнинг димоғига қўланса ҳид урилиб, кўнгли беҳузур бўлди.

Ширакайф равишда диванда ёнбошлаб ётган Кесакполвон Жалилни кўриб, қаддини кўтарди.
— Сен азалдан ифлос эдинг, шу ифлослигингча ўлиб кетасан, — деди Жалил салом-алик ҳам қилмай.
— Ҳов ака, сал пастроқ тушинг, — деди Кесакполвон.
— Сен ахлатингни тозалатгани юборувдингми мени? Билиб қўй, мен сенинг исқиртингни тозалайдиганлардан эмасман. Орқангни ўзинг артиб юр, бола!
— Вой-бў...
— «Бў-бў»лама, ифлос!
— Бўлди-э! — деди Кесакполвон жаҳл билан ўрнидан туриб. — Индамас экан, деб бошга чиқиб олиб булғатаверасизми! Ифлос бўлиб нима қилдим? Хотинингизга суркалибманми?
— Суркалиб ҳам кўр-чи! Сендақаларнинг иккита оёғини иккита мошинага боғлаб, чотларингни йириб ташлаш керак.
— Қўйинг энди, ўзи бошим ёрилай деб турибди.
— Бошинг бўлса ёрилади-да, э аҳмоқ! Табибга қанақа ҳунарингни кўрсатиб келдинг?
— Нима қилибман?
— Нима қилганингни билмайсанми?
— Сиз билсангиз айтинг.
— Отларини нега отдинг?
— Қанақа отлар? Мен ҳайвон отадиган одаммасман, — деди Кесакполвон безрайиб.

Жалил «Бу рост гапиряптими?» дегандай унга тикилди. Кесакполвон эса тусини ҳам ўзгартирмай унга бақрайганича, киприк ҳам қоқмади.
— Сен... ўзингнинг лайчаларингни лақиллат, бола... У ёқдагилар аҳмоқ эмас. Мошинангни танишди. Тағин ҳам инсофли экан улар, тошбўрон қилишмади. Шу табибдан умид бор экан, ўшанга зулм қиласанми, ифлос!
— Бўлди, ҳадеб ифлос деяверманг.
— Ифлос бўлганинг учун ифлос дейман!

Кесакполвон сўкиб юбормаслик учун юзини тескари бурди. Шу машинада юбориб хомлик қилганини фаҳмлаб, ғижинди.
— Бизнинг илтимосимиз ерда қолгунича ҳўкизнинг шохи синиши керак. Бизни менсимасликнинг оқибати қанақа бўлишини ҳамма билсин.
— Сен ўзинг ким бўлибсанки, илтимосинг нима бўларди!
— Бўлди, гапни чўзманг. Келмадими?
— Мен унга учрашмадим.
— Унда ҳалиги гапни қаердан олдингиз?
— Одамлар айтишди.
— Хўп, энди нима қиламиз? Асадни сақлаб қолишимиз шарт. Керак бўлса, мен жонимни берай.
— Сенинг жонинг... Сен жонингни пишириб е!

Жалил шундай деб сўкинди-да, эшикни жаҳл билан ёпиб, изига қайтди. У нима қилишни билмай гаранг бўлиб қолган эди.

3

Навбатдаги бедор туннинг чекиниши бошланганига ишорат қилувчи азон товуши эшитилди.

Асадбек тонгнинг қадрига етмас эди. Хонадони тун бағрига кириб, ўзининг тонггача етиб боролмаслиги ҳам мумкинлиги аён бўлганидан кейин ҳар тонгни тирик ҳолда, очиқ кўз билан қаршилашнинг ўзи улуғ бахт экани ҳақидаги оддий ҳақиқатни кашф этди. Авваллари ҳам азон товуши эшитилармиди, йўқми, эслолмайди. Кейинги тунлари шу товушни орзиқиб кутадиган бўлди. Унинг назарида айнан шу азон товушигина қиёмат ҳали бошланмагани, бу дунё ҳаёти давом этаётганидан дарак берарди. Назарида... азон товуши эшитилмаса, қоронғулик чекинмас, дунё зулумот чодирида қолаверар, жувонлар алла айтмас, гўдаклар кулмас, ҳаёт сўнар, тамоман сўнар эди...

«Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар!..»

Демак, зулумот чодири йиртилгуси, жувонлар аллалар айтгуси, гўдаклар эса кулгуси... Ҳаёт давом этгуси...

«...Ҳайя алал солат...»

Бахтли одамларгина етиб келади бу онга.

«...Ҳайя алал фалаҳ...»

Нажотга келганларга Яратганнинг ўзи нажот беражак.

Пешинга, сўнг... хуфтонга, сўнг тунни ёриб чиқиб, яна бомдодга етажак, иншооллоҳ...

Асадбек нажотга етиб келгани учун Тангрига ҳамд айтмоқ, муслимлик фарзини адо этмоғи лозимлигини идрок қилмайди. Кўнгли ибодатни тусайди. Қотиб қолган дил, қотиб қолган тил эса шайтон ҳукмидан қутулмоққа ожиз...

Тонгда... инсон ҳам, жонивор ҳам уйғонади. Уларнинг фарқи — бири Яратган берган онг туфайли Яратувчисига ҳамд айтар.

Асадбек тонгга етиб келганидан хурсанд...

Осмонни қоплаган булут тун ҳукмронлигини бир озгина чўзган бўлса-да, ёруғликни тўса олмади. Ёруғлик чор атрофга ўрмалаганича кириб келаётган дамда телефон қўнғироғи асабий жиринглади. Дам ўтмай болохонадаги йигитлардан бири тушиб, «Германиядан кеннойи телпон қилаётгани»ни айтди.

Асадбек Манзурани соғинган эди.

Манзурани уйда қолдириб, ўзи ҳафталаб юрганида айрилиқ тузининг бу қадар шўр бўлажагини, юракларини куйдиражагини билмаган эди. Дунё тескарисига айланиб, энди ўзи уйда қолиб, Манзура узоққа кетгач, қалби ўртангандан ўртанди. Соғинч нима эканини англади.

У хотинининг тезроқ етиб келишини истарди. Бир кўнгли эса... унинг ўғиллари билан ўша ёқларда бутунлай қолишини истарди. Айниқса... яқинлашаётган ўлимига ўзи ҳам ишонганидан бери бу истак қатъийлаша борди. Ҳосилбойваччанинг изидан Элчинни ҳам жўнатиш режаси айни шу истак булоғидан сув ичган эди. Элчин ўлдирилгач, Зайнабни тўй баҳонасида Олмонияга жўнатмоқни хаёл қилиб эди.

Режа бузилди. Аммо ҳали ниятдан кечганича йўқ. Зайнабнинг хасталиги бир оз чекингач, юборади. Шундан сўнг ўзи бу дунёни хотиржам равишда ташлаб кетиши мумкин. Ўлимидан сўнг... хотини, болаларига биров таҳдид қила олмайди.

Ечилмай қолган икки масала бор: бири — Зайнабни жўнатиш, иккинчиси бойликларнинг бир қисмини у ёққа олиб ўтиш. Қуда ғоят бой экан, аммо ўғилларининг қўлларида ўзларининг сармоялари бўлмоғи шарт!

Асадбекнинг соғинган юраги бир орзиқди. Шу орзиқиш билан телефон гўшагини кўтарди. Манзура эрининг овозини эшитиб, салом берди.
— Яхши юрибсанми? — деб сўради Асадбек, алик олиш ўрнига.
— Худога шукр, ўзингиз тузукмисиз?
— Йўқ, бузуқман, — деб юборди Асадбек эски одати бўйича. У мана шунақа саволларга тоқат қила олмас эди. Кайфияти яхши бўлса ҳазил оҳангида, ғашланган пайтига тўғри келса кесатиқ ёки жаҳл билан жавоб қайтарарди. Манзура «Қорнингиз қанақа?» деган саволига «Қорним думалоқ», «Тузукмисиз?»га «Йўқ, бузуқман», деган жавобларни турли оҳангларда эшитиб, кўникиб кетган. Бошқачароқ тарзда сўрайман, деб ўйларди-ю, эрига рўпара келганида беихтиёр яна айни шу сўзлар тилидан учарди.

Ҳозир ҳам шундай бўлди. Асадбекнинг «Йўқ, бузуқман», деб юмшоқ тарзда айтиши Манзурага ёқиб, кулди.
— Зайнаб яхшими?
— Яхши. Мендан бошқа ҳамма яхши...
— Вой, адаси, унақа деманг, — Манзура «Ўзингиз яхшисиз», демоқчи эди, ёнидаги ўғилларидан уялди. Асадбек буни сезди.

Манзура уйда эканида шундай деб эркалаб қўярди. Ҳозир Асадбек шуни қўмсади. Хотинининг кўпроқ гапиришини истади. Аммо сўзга нўноқ Манзура ҳол сўрашдан нарига ўтмади. «Ўғилларингиз билан гаплашинг», деб ошириб юбора қолди. Ўғиллар билан бўлган гап ҳам ҳол сўраш билан чекланди. Гап адоғига етиб бораётганини фаҳмлаган Асадбек ўғлига «Онангга бер», деб буюрди. Манзура:
— Ҳа, адаси? — дейиши билан Асадбек уни койий бошлади:
— Қанақа хотинсан ўзинг?! Сен нимага бординг у ёққа, нима ишни қойиллатдинг?
— Вой, адаси, ҳеч қанақа ишни қойиллатмадим.
— Тўй нима бўляпти?
— Тўй... сизни кутяпмиз. Нишон тўйи ўтди... Айтдим-ку...
— Бир оз кутишсин... Зайнаб боради.
— Сиз-чи, адаси?
— Мен... билмадим.
— Бирга келақолинг.

Асадбек ёлғон гап аҳволини ошкор қилиб қўйиши мумкинлигидан қўрқиб, синалган қуроли — жаҳлни ишга солди:
— Германия аммангнинг маҳалласими, хоҳлаган автобусга осилиб бораверадиган?
— Вой адаси, унақа демадим-ку?
— Демаган бўлсанг, оғзингни юм.
— Энди...
— Нима энди?
— Одамлар келиб-кетаётганига айтувдим-да...
— У одамлар бошқа, мен бошқа. Ақлинг етмаса валдирайверма.
— Адаси...
— Яна нима дейсан?
— Қудаларингиз «Қоғоз юборганмиз, келсалар яхши эди», деб туришибди. Бир ўзингиз гаплашасизми?
— Йўқ. Ўзинг тушунтириб қўй. Бизнинг одатимизда куёвнинг отаси келинникидаги тўйга келмайди, де. Аввал бу ерда тўй қилайлик. Келинларни кутиб олайлик. Кейин чақирди қилишса, борармиз.
— Адаси, унақа эмас-ку?
— Нимаси унақа эмас?
— Куёвнинг отаси боради-ку?..
— Борса борсин. Бўлди, бошимни қотираверма. Ўзинг бир нарса деб қўй.

Бир ўртаниш, бир соғиниш билан бошланган суҳбат шу тарзда якунига етди. Гўшак жойига қўйилгач, Асадбек хўрсинди. «Бақирганим дуруст бўлмади, кўнгли оғриди», деб афсусланди.

Асадбек янглишди. Бундан баттар гапларни эшитиб кўникиб кетган Манзуранинг кўнгли эрининг бақириғидан эмас, унинг ночорлигидан оғриди.

Онанинг маъюслигини кўрган ўғиллари бараварига:
— Нима бўлди? — деб хавотирланишди.
— Адангларнинг келишлари қийин эмиш, — деди Манзура ғалати оҳангда.
— Масковда минг чиғириқдан ўтказишади-да, — деб юпатган бўлди Абдусамад.
— Адамнинг адалари «Халқ душмани» деб қамалган экан-ку, — деди Абдуҳамид.

Ўғилларининг гаплари Манзурага юпанч бўла олмади. Унинг безовта қалби ҳақиқатни сезиб турарди.

Асадбек кўчага чиқишни хоҳламади, кўнгли уйда ёлғизликни истади. Болохонадаги йигитлардан бири нонушта ҳозирлади. Худди дастурхон тузалишини кутиб тургандай Кесакполвон билан Чувринди олдинма-кейин кириб келишди. Асадбек ўрнидан қўзғалмай, ўтирган ерида қўл бериб кўришди. Кесакполвон кўришиш учун энгашганида Асадбекнинг димоғига қўланса ҳид урилиб, бурнини жийирди-да:
— Кечаси нажасга ботиб ётганмисан, нима бало?— деб тўнғиллади.
— Бир бўлиб қолди, жаҳлинг чиқмасин, — деди Кесакполвон узр оҳангида.

Асадбек унинг авра-астарини ағдариб сўкмоқчи бўлди-ю, ўзини тутиб, Чувриндига юзланди:
— Маҳмуд, деразани сал қиялаб очиб қўй.

«Кейинги кунларда молдай ичяпти, бунга бир бало бўлган», деб ўйлаб, Кесакполвонга қаттиқ тикилди.

Кесакполвон бу ўтли қарашга дош беролмай, бир қимирлаб олди.
— Ҳа, мунча тикилиб қолдинг? Нима, тушингга кирдимми? — деб ҳазиллашмоқчи бўлди.
— Сени тушида кўрган одамнинг лабларига учуқлар тошади, — деб тўнғиллади Асад. Сўнг овозини кўтарди: — Қаерда бўкяпсан?
— Биласан-ку, гоҳида кўнгил қурғур шунақа тусаб қолади. Кўнгил тусаган пайтда жиғилдоннинг тормози ишламай қолади.
— Э, жиғилдонингга урай сени...
— Бўлди, бугунгиси охиргиси... Менга осилмасдан, янги гапларни эшит. Бош қотирмасак бўлмайди, — Кесакполвон шундай деб Чувриндига қаради. Чувринди бу ишорани кутаётган эди, шу боис дарров муддаога кўчиб қўя қолди:
— Бек ака, кеча Шарифни қамашибди.
— Қамашибди? Ким қамабди?
— Масковдан одам келибди.
— Кеча қамашса мен нима учун бугун эшитяпман?
— Аввал сўраб-суриштириб...

Асадбек Красноярга вагонда мусаллас юбораётгандаёқ иши тўмтоқ бўлишини сезган эди. Сезса-да, таваккал қилиб эди. Шариф Намозов деярли ҳеч нарса билмайди, демак сотгиси келган тақдирда ҳам эплаб сотолмайди. Демак, калтак ўзининг бошида синаверади. Шундай бўлса-да, Москвадан одам келишидан хавотирга тушгулик...
— Сўраб-суриштириб... Нимани суриштирдинг? — деди Асадбек зарда билан.
— Ўша охирги вагоннинг ишкали чиққанга ўхшайди,— деди Чувринди айбдор боланинг овози билан.
— Шариф нима дебди? Гуллабдими?
— Билмайман. Масковлик чумакарига ўхшаган хотин экан. Ўзининг одамлари билан келибди. Бизникиларни яқинлаштирмабди.
— Шариф ҳозир қаерда?
— Ертўлада.
— Одам топ.
— Бўлмайди-ёв...
— Қилич қаерда, думини қисиб қочвормадими?
— Йўқ, унинг парвойи палак. «Хавотир олманглар, иш пухта бўлган, кетса фақат Шарифнинг ўзи кетади», дейди.
— Кўздан қочирма уни. Сал айниса, Ҳосил акасининг изидан жўнатвор.
— Ҳа, акасини зериктирмасин, — деди Кесакполвон ҳожасининг фикрини маъқуллаб. — Уруғ-аймоғи билан қуритиш керак. Буни менга қўйиб бер. Яна бир гап: прокурор болани ҳам ўтқизиб қўйишибди.
— Қайси прокурор бола?
— Оёғимиз остида бир ўралашувди, эсингдами? Маҳмудни ҳам сўроққа чақириб, дуч келган тешикка тумшуғини тиқятувди.
— Уни нимага қамашибди?
— Шарифга алоқаси бормишми-эй...

Асадбек «Сен аниқроқ биласанми?» дегандай Чувриндига қаради.
— Қилич Шарифни қаматганида иш шу боланинг қўлида эди, — деди Чувринди изоҳ бериб. — Бир нарсадан гумонсирашгандир.

Асадбек учун бу янгилик хавотирлироқ бўлди. Дастлаб арзимасдай кўринган бу ўрама фақат Шариф Намозовни эмас, балки бошқаларни ҳам ўз домига тортиши мумкин эканлиги энди аниқ эди.
— Масковликнинг афти-ангорини кўрдингми, ўзинг?
— Кўрмадим, — деди Чувринди.
— Афти-ангорини нима қиласан, жиғилдонини кўриш керак, — деди Кесакполвон.
— Жиғилдони наҳангникидай бўлади-да, — деди Чувринди.

Асадбек аъёнларининг гапларига эътибор бермай бир оз ўйга толди. Сўнг бир қарорга келиб, Чувриндига қаради:
— Маҳмуд, пайига туш. Яна кавлаб-кавлаб Қиличга осилмасин. Агар Қилич илиниб қолса, чатоқ бўлади.
— Қиличнинг илинишини кутиб ўтирамизми? Уни бир ёқли қилиш керак.
— Ҳозир эмас.
— Сен бир нарсани билмайсан. Менга Ғилай айтди. У хунаса қамоқда ўтирганида ҳам Ҳосилнинг оёғини ялаб юрган.
— Ҳозир эмас, деяпман! — Асадбек зарда билан гап бошлаб, кейин ўзини босди. — Ҳозир Қилични йўқотсанг, масковлик хитланади. Маҳмуд, Қиличнинг ёнига ишончли одамни қўй. Юрса — бирга юрсин, ётса — бирга ётсин. Ҳар бир нафас олиши кузатувда бўлсин.
— Шу эҳтиёткорлигинг менга ёқмаяпти, — деди Кесакполвон. — Ахир одам ичкетар бўлиб ўлиб қолиши ҳам мумкин-ку? Биров ахлатини титиб, сенинг изингни топармиди?
— Керак бўлса жуда топади-да! Лекин менинг изимни эмас, сенинг ачиб-бижиб кетган аҳмоқ миянгни топади. Кейин «Шу аҳмоқ мияни еб заҳарланибди», деб қўя қолади, — деди Асадбек жаҳл билан.

Уларнинг маслаҳати пишмай туриб, эшик қия очилди-да, болохонадаги йигитлардан бирининг боши кўринди:
— Хўжайин, бир одам сўраяпти, — деди у айбдор бола каби довдираб.
— Ким экан? — деди Кесакполвон зарда билан. — Аввал кимлигини билиб, кейин келмайсанми, с-сўтак!
— Кимлигини билдим, ака: Масковдан келибди. Хонгир деган одамдан салом олиб келганмиш. Хонгирнинг кимлигини хўжайин биларканлар...

Хонгирейнинг номини эшитиб, Асадбек билан Чувринди бир-бирига сирли равишда қараб олдилар. Москвадаги учрашувдан бехабар Кесакполвон эса энсаси қотиб сўради:
— Кимдан дединг?
— Хонгирми... Гапига яхши тушунмадим. Тилидан ўрисга ўхшамайди. Гурзинми дейман...
— Бир ўзими ё шериги борми? — деб сўради Чувринди.
— Битта ўзи келди.
— Чақир, кирсин, — деди Асадбек.

Чақирилмаган меҳмонни Асадбек ҳам, Чувринди ҳам дарров танидилар. Москвадаги учрашувда Хонгирей ёнида турган, артистлардай ўзига бино қўйиб кийинган, қалдирғоч мўйловли бу йигитни эҳтиром билан кутиб олиб, тўрга ўтқиздилар.
— Қалай, Хонгирей соғ-саломат юрибдими? — деб сўради Асадбек.
— Оллоҳга шукр, — деди меҳмон. — Хонгирей сенга-да саломлар юбарди. Ўзинг нечуксан? Соғмисан, қардош?

Унинг ёш бўла туриб сенсираши учовининг ғашларини келтирган бўлса-да, сир бой беришмади. Нозикроқ одамлар билан Асадбекнинг ўзи гаплашарди. Аъёнлар у ёки бу масалага кўз қарашлари билан муносабатларини билдириб туришарди. Бу сафар ҳам анъана бузилмади.
— Қўнғироқ қилганингда кутиб олардик, Хонгирейнинг одами биз учун азиз меҳмон, — деди Асадбек унинг саволларига жавоб бермай.
— Келиб-кетиб юрган ерим. Бу жойлар ўз уйимдай бўлиб қолган. Сени безовта қилмоқнинг ҳожати йўқтур.
— Қандай юмуш билан келдинг? Балки ёрдамимиз тегар?
— Ёрдамми? Э, йўқ, қардош менга ёрдам керакмас. Керак бўлса, бизлар сенларга ёрдам беришимиз мумкин. Мен бу ерга Хонгирейнинг укасини кўргани келган эдим. Сен уни танийсан — Ҳосил. Уйида йўқ, офисида йўқ. Сафарга кетган эмиш. Сен билмайсанми? Қаерга кетган? — У шундай деб Асадбекка синовчан тикилди. Асадбек ундан нигоҳини олиб қочмади, тик қараганича киприк қоқмай жавоб берди:
— Унинг ўз калласи, ўз оёқ-қўли бор, истаган томонига бора беради. Мендан сўраб ўтирмайди.
— Сен уни яқин орада кўрмадингми?
— Яқин орада кўрмадим.
— Эслаб кўр-чи, қачон кўрган эдинг?
— Сен Хонгирейнинг одамимисан ё прокурормисан? — деди Асадбек киноя билан. У шу тарзда меҳмон иззатини билмаётганини маълум қилиб қўймоқчи эди. Меҳмон бу кинояни самимий ҳазил ўрнида қабул қилиб, кулимсиради:
— Қардошим, мен Хонгирейнинг бош прокурориман. Ҳосилни қачон кўрганинг мени жуда-жуда қизиқтириб қолди. У бугун ё эртага Хонгирейга жуда-жуда керак. Уни қидириб топишим шарт. Ё тиригини ё ўлигини, англадингми?
— Менга қара, «бош прокурор», Ҳосилнинг жилови менинг эмас, хўжайинингнинг қўлида. Агар «жуда-жуда қизиқсанг», эшит: Масковдан қайтганимдан кейин уни кўрганман.
— Уйингга ўзи келган, а? — деди меҳмон, «Бундан бизнинг ҳам хабаримиз бор», деган маънода.
— Ҳа, уйимга ҳам келган.
— Ораларингдан гап қочмаганмиди?
— Ҳосилнинг мен билан гап талашиши учун яна эллик қовун пишиғи бор. У менинг олдимда ким, биласанми? У — бир лайча!
— Ў, гўзал! — деди меҳмон бармоғини қарсиллатиб. — Жуда гўзал! Ҳосил — лайча. Асадбек — ўқ илон! Хонгирейга айтиб қўйишим шарт. Қардош, сен айт, агар лайча акиллаб ғашини келтирса, ўқ илон чақиб ўлдириши мумкинми?
— Агар ўқ илон чувалчанг зотидан бўлса, чақади. Ҳақиқий ўқ илон бунақа паст кетмайди.
— Менга ёқяпсан, қардош! Энди яна бир гап: Хонгирейнинг Козлов деган яна бир укаси бор. Красноярскда туради. Эшитганмисан?
— Эшитганман.
— Ўша сеникига меҳмонга келмоқчи экан, келмадими?
— Йўқ.
— Қизиқ, сеникига меҳмонга келмоқчи экан, — деб гапини қайтарди меҳмон. — Агар бугун-эрта келиб қолса, Хонгирейга хабар қил. Козловнинг озгина қарзи бор, тўлаб қўйсин-у, юраверсин. Ҳа, айтмоқчи, қардош, ижозат бер, мен Хонгирейга телефон қилиб олай.

Чувринди туриб телефонни олди-да, уни меҳмоннинг қўлига тутқазди. Меҳмон лозим рақамларни тергач, ўтирганларга бир-бир синовчан тикилди. Сўнг, Москвадан жавоб бўлгач, ўз тилида гапира кетди. Хонгирей билан гаплашдими ё бошқаси биланми, улар тушунишмади. Асадбекнинг номи икки-уч марта тилга олингани эса улар учун жумбоқ бўлиб қолаверди.
— Энди менга рухсат бер, — деди меҳмон гўшакни жойига қўйгач.
— Сен меҳмонсан, — деди Асадбек, — ўзбек палов емаган меҳмонига ижозат бермайди.
— Ў, ташаккур, жон қардош, палов егани келаман.— У шундай деб ўрнидан турди.

Асадбек Чувринди билан кўз уриштириб олди. Нигоҳларнинг бу учрашуви қандай маъно англатишини уққандай меҳмон остонада тўхтаб, орқасига ўгирилди-да:
— Қардош, орқамдан одам қўйишни ўйлама. Биз кўпчиликмиз, — деди.
— Хотиржам бўл, менинг бунақа одатим йўқ, — деди Асадбек.

Меҳмон кўздан йўқолгач, улар ўз ўринларини эгаллашди.
— Ис олибди-да? — деди Кесакполвон совуб қолган чойини ҳўплаб. Сўнг жаҳл билан Чувриндига қаради: — Маҳмуд, чақир биттасини, чойни янгиласин.

Чой янгилангунича хонага сукут ҳукмронлик қилди. Чувринди бундай пайтда ҳожасининг гапиришини кутади. Кесакполвон эса юраги тошиб, бетоқатланади. Ҳозир ҳам фикрини баён қилмоқ учун бир-икки оғиз жуфтлади-ю, Асадбекнинг хўмрайиб ўтиришини кўриб, шашти қайтди.
— Маҳмуд, Масковга бориб келишинг керак. Ғилайни олиб бугун уч, — деди Асадбек.

Унинг гаплари мунозарага ўрин қолдирилмаган тарзда, амр оҳангида айтилган бўлса-да, Кесакполвон ўзини тутиб тура олмади:
— Дарров юборма. Қўрқибди, бир гап бор, деб гумонсирайди.
— Йўқ, бугуноқ жўнайди. Вақт ўтса — газак олади. Мен Масковдан бир садо келишини кутятувдим. Хонгирей мени огоҳлантирган эди. Козлов қочганга ўхшайди. Шарифни қамаган прокурорнинг келишида ҳам Хонгирейнинг хизмати бўлиши мумкин. Вагонни Хонгирейнинг одамлари хитларга рўпара қилган.
— Қўрқоқ бўлиб қолибсан, — деди Кесакполвон.

Алам денгизи тўлиб турган Асадбекка бу гап малол келди. Ғазаб жиловини узди-ю, қўлидаги пиёлани Кесакполвонга қараб отганини ўзи ҳам билмай қолди. Пиёла Кесакполвоннинг қулоғи ёнидан учиб ўтди-да, деворга тегиб синди. Чувринди чаққон туриб ҳожасининг елкасидан ушлади. Кесакполвон эса ўрнидан жилмади. Бошини эгиб ўтираверди.

XII боб

1

Тунларни тўлғоқ билан бедор ўтказаётган фақат Асадбек эмасди. Шифохонадаги Элчин ҳам шундай ҳолатда эди.

Фарқлари — Асадбекнинг жон таслим қилиш онлари тобора яқинлашарди. Элчин эса, аксинча — узоқлашаётгандай эди. Асадбекнинг уқубатли умр йўли адоғига етай деганида Элчиннинг азобли ҳаёти давом этадигандай эди. Илгари Элчин тиконли чўл бўйлаб ялангоёқ югурган бўлса, энди олов саҳросида куйиб, қовжирайди. Руҳ азоби худди соя каби унга илашиб юраверади. Бора-бора ўлим Оллоҳнинг сўнг жазоси эмас, балки мукофоти эканига ишонади. Ана шу мукофотга етишмоқни орзу қилади. Руҳи эзилган дамларда «Худо қайси гуноҳларим учун жазолаяпти?» деб ўзига-ўзи савол беради. Ажаб дунё... фақат Элчин эмас, бу дунё азобидан озгина татиб кўрган ҳар қандай банда шу саволга жавоб топмоқни истайди. Агар бу ожиз бандалар «Қандай яшасам гуноҳга ботмайман, жазога дуч келмайман», деган саволни кўндаланг қўйиб ҳаёт кечирсаларми эди, оқибат қайси гуноҳлари учун жазо олаётганларини билмай сар-сари бўлмаслар эди.

Элчиннинг ҳали бундай хулосага келмоғига фурсат бор. Шифохонада ҳушига келгач, у бошқа нарсаларни ўйлайди. Ўқ еб йиқилган Ҳосилбойвачча томон юргани, кўча эшик зарб билан очилгани, Ғилай қўлидаги тўппонча ўт уфургани... синема тасмасидай қайта-қайта кўз олдида гавдаланаверади. Сўнг... ота-онаси... Ноиласи... Сўнг... илонзордаги Ҳосилбойвачча... Нима эди бу? Тушими эди ё алаҳсирадими? Ёки... у дунёга бориб-қайтдими? Бир ўлиб, бир тирилдими?

Бу жумбоқ эди. Бу жумбоқни ечмоқ учун кўп бош қотиради. Оқибат... қиёматдагина жавоб топади...

Элчин дастлаб ҳуши ўзига келганида кўзини очиб, оқ либосли ҳамширани кўрди. Уни фаришта қиёфасидаги Ноила деб хаёл қилди.
— Ноила, яна кўришдик, энди мени ҳайдама, — деди.

Бу гапни хаёлида айтди — қуруқшаган лаблари салгина қимирлаб қўйди холос.

Сўнг... кўргани ҳамшира хира пардага ўрала бошлади. Хира парда зулумот чодири билан алмашилди.

Аёл киши овоз берди:
— Доктор, юраги тўхтаяпти...

Ким у? Нима учун бундай деди? Элчиннинг назарида юраги темирчининг босқонидек гупиллаб урарди, қулоғи овозларни эшитарди. Фақат... кўз олди қоронғилашди. Кейин... овозлар узоқлаша бошлади. Кейин у енгил қушга айланди. Уча бошлади. Худди Ғилай-нинг тўппончасидан ўқ отилгач парвоз қилгани каби... Учди, учаверди...

Шаҳарни осмондан туриб тамоша қилди.

Одамлар... чумолидан кичик, чумолидан ожиз...

Ерда юришлари эса...

Ерда юрганларида ўзларининг бу қадарли ожизликларини нима учун билмайдилар экан?

Кеккайиб юрувчи одамзотнинг аслида чумоли каби заифлигидан ажабланаётган Элчин энди пастга қулай бошлади. Пастга, ўзи каби кибрли одамзот бағрига қараб учди, учаверди. Қўрқди... Ер-парчин бўлиб ўлишдан қўрқди.

Бирдан... Анвар кўринди! Соғинган дўст каби қулочини кенг ёйиб, унга бағрини очди.

Ажабланарлиси шундаки, унинг оёқлари ерда эмасди, балки у ҳам Элчин каби учарди. Анвар уни қучоқлаб олди. Элчин қамоқдан қайтаётганида Анвар билан учрашувни кўз олдига келтирганда ана шундай қучоқлашишни умид қилган эди. Афсуски, хаёли пуч бўлиб чиқиб, уни жиннихонадан топди. Соғинган дўстлар қучоқлашиб кўришмадилар. Ўша умид... мана энди амалга ошди. Анвар қучоқлади...

Аммо... Анвар ўлган эди-ку?..
— Анвар! — деди Элчин ҳаприқиб, — Қаёқдан келдинг? Мени кутаётганмидинг?
— Йўқ, сени кутмаётган эдим. Ўзинг қаёқдан пайдо бўлдинг? Нима бор сенга бу ерда?
— Бу ер... деганинг нима?
— Тушунмадингми?.. Тушунмайсан...
— Қамоқдалигимда тушларимга кирардинг. Ну-қул кичкина болага айланиб ўйнардик. Ҳатто... ўқитувчи ўтирадиган курсига ингичка мих қоқиб қўйганимиз ҳам тушимга кирувди. Кейин... Чиққанимдан кейин ҳам тушимга кирдинг. Ёмон тушлар кўр- дим.
— Қанақа туш?
— Айтмайман, хосияти йўқ.
— Айт, билгим келяпти.
— Ўзингни осиб қўйган эмишсан.
— Бу туш эмас эди...
— Сен ўзингни ростдан ҳам осдингми? Сен... ростдан ҳам... ўлдингми?
— Ҳа, ўлганман.
— Унда ҳозир мен... туш кўряпманми?
— Шунга яқин.
— Уйғонганимдан кейин сени кўрмайманми?
— Кўрмайсан.
— Унда... мени қўйиб юбор.
— Аввал сени ҳаётингга элтаман.
— Ҳаётимга?.. Қанақа ҳаётимга?
— Сен мени жиннихонадан чиқарган эдинг. Мен қарзимни узаман.
— Сенинг... одамларни ҳаётга элтадиган кучинг борми?
— Йўқ, мен фақат амрни бажарувчиман.
— Кимнинг амри?
— Ақлингни ишлат...

Сўнгги сўзлар акс-садо бериб такрорланди. Такрорланаверди. Кейин бу овоз юрак дупурига айланди. Яна ўз юрагининг дукурини эшитди. Кейин нотаниш овозлар... Кейин кўзларини очди.

Бундай ҳолат бир неча марта такрорланди. Дам ҳушини йўқотиб, дам ўзига келиб ётди. Орадан қанча вақт ўтганини фаҳм этмади. Гоҳида бу шифохонага кечагина келгандай туюларди. Гоҳида эса йиллаб ётгандай бўларди гўё.

Ана шундай кунларнинг бирида Зайнаб келди. Аввалига уни танимади. Бунга кўз олдини қоплаган хира парда сабаб, деб ўйлади. Аслида эса, Зайнаб кейинги кунлар ичи чиндан ҳам танимас даражада ўзгарган, озиб, ҳусн-латофатини йўқота бошлаган эди. Чувриндининг хотини уни пардоз қилишга бежиз ундамаган эди. Элчин Зайнабга ҳамроҳ бўлиб келган Чувриндининг хотинини аввал кўрмагани боис ҳам уни танимади.

Зайнаб эрига сассиз тикилиб турган бўлса-да, Элчиннинг қулоқлари остида унинг аламли нидоси жаранглайверди:
— Худо урсин сен ифлосни!!!

Ўша қоронғу уйда, номуси булғанган дамда покиза юракнинг аламли нидоси бўлиб учган бу фарёд сўзлари Элчиннинг хотирасига муҳрланган эди. Ҳозир, ўлим билан ҳаётнинг қил кўприги устида турган маҳалда жаранглаб, қалбдаги яраларини тирнаб ташлади. Сўнг бу сўзлар ўзгарган ҳолда, пастроқ оҳангда, ижро бўлган ҳукмнинг интиҳоси сифатида эшитилди:
— Худо урибди-да, охири, Худога шукр...

Йўқ, Зайнаб айтмади бу гапни. Буни Элчиннинг дили жувон тилидан айтди. Яхшики Зайнаб бир сўз айтмади, узоқ турмади. Гапирсами эди, унинг ширин сўзлари ҳам камон ўқларига айланиб, дилини яраларди. Кўпроқ турсами эди, яраланган қалби ўкинчнинг темир тирноқлари орасида мажақланиб азобланарди. Зайнабнинг тез қайтиши уни бу азоблардан қутқарди.

Зайнаб чиқиб кетгач, ухладими ё ҳушини йўқотдими, билмайди. Ҳарҳолда яна енгил парвоз этгандай бўлди. Аввал Ноилани кўрди. Уни кирланиб кетган либосда кўриб, кўнгли кирланди.
— Ноилам, мен сенга янги кўйлак олиб берай, — деди Элчин.

Ноила жавоб бермади.
— Ноила, нега индамайсан?
— Сизни... Худо ургани рост...
— Ноила, ундай дема.
— Худо ургани рост...

Элчин ҳайратланди: қаршисидаги Ноила Зайнабнинг овози билан гапирарди.
— Ноила, сен ундай дема, мен қасос олишим керак эди, қасос оляпман.
— Зайнабни хорлашингиз қасос эмас.
— Тузалиб чиқсам, ҳаммасини ўлдираман!

Бу гапни эшитиб, Ноила кула бошлади. Зайнабнинг овози билан кулди. Хохолаб кулди. Кўзларидан ёш қуйилиб, ўксиб-ўксиб йиғлаб кулди. Элчин бунақанги ҳолатни сира учратмаган эди. Шу боис «Кулма», дейишни ҳам, «Йиғлама», дейишни ҳам билолмай каловланди. Овутиш учун қўлларини узатган эди, Ноила узоқлашди. Узоқлаша-узоқлаша, охири бир нуқтага айланиб, сўнг йўқ бўлди. Йиғи аралаш кулгиси эса эшитилиб тураверди.

Хонада бир нарса тарақлаб, Элчин чўчиб тушди. Кўзини очди. Хона ғира-шира ёруғ. Кимсасиз. Жим-жит. Элчин биқинида уйғонган оғриққа чидолмай, инграб қўйди. Ичи куйиб, лаблари қуриб чанқади. Нажот тилаб, «Сув», деб пичирлади. Нажоткор топилмади. «Ўлаётган одамнинг ёнида бир одам ўтириб, сув томизарди, — деб ўйлади Элчин. — Менга... шу ҳам насиб этмади. Анвар тирик бўлганида ёнимда ўтирарди. Ҳеч кимим йўқ... Атрофим тўла одам эди. Қўл қовуштириб туришарди. Қани улар?.. Ҳеч бўлмаса биттаси келиб, лабимга бир томчи... бир томчигина сув томизса-чи...»

Одамлар кўп эди, рост. Аммо улар пастда, Элчин эса юқорида эди. Элчин уларга, айниқса қамалишидан аввал еттинчи осмондан туриб қарарди. Ҳар бир одамнинг болалигида орттирган дўстлари оғир дамларида суяниши мумкин бўлган тоғдир. Элчиннинг «тоғ»ларини тўйлари емириб, адо қилди. Айрим дўстларини ўзи назарга илмади. Айримлариникига эса Асадбекка тегишли одамларнинг тўйлари билан бир вақтда бўлгани сабабли боролмади. Дўст тоғлари емирилди. Фарзанд тоғи-чи?

Ўшанда... нодонлик қилди.

Ноила ҳомиладорлигини айтди-ю, маъюсланди.
— Нега хафасан? — деб сўради Элчин.
— Агар... мастлик ҳолатида бўлса... бола ногирон туғиларкан. Ўйлаб қарасам, маст бўлмаган кунингиз йўқ...
— Унда олдириб ташла...

Осонгина ҳукм чиқарди.

Ноила осонгина кўнди. Сўнг... яна...

Ўз фарзандларига ўзлари ўлим ҳукмини ёздилар.

«Ногирон бўлиб туғилавермайдими, ҳеч бўлмаса лабимга бир томчи сув томизишга ярарди-ку...»

Элчин ингради. Бу сафар руҳ азобидан ингради. Бу азоб ўқ тешган, тиғ теккан баданининг оғриғидан минг карра кучлироқ эди. Бу азоб унинг ҳушини ўғирлади.

Энди у парвоз қилмади. Оёқларига ботмон-ботмон тош осилгандай қийналиб юрди.
— Ҳа, қийналиб кетдингми?

Элчин Анварнинг овозини таниб, атрофига аланглади.
— Мен сенга нима деганман? Жиннихонага келганингда дунё формуласини кўрсатганман. Эсингдами? Ҳақиқат нимага баробар эди? Эсла: ҳақиқатнинг нимага баробар эканини топиш учун хиёнатни риёга қўшамиз, ҳасад билан очкўзлик қавс ичида қўшилади. Адоват, ғийбат, нифоқ, шуҳратпарастлик, мансабпарастлик эса илдиз остида қўшилади. Буларнинг ҳосиласидан виждон, иймон, ҳаёнинг қўшилмасини айирсак, баробар нол! Ҳақиқат — нол, деганимда сен мени жиннига чиқарувдинг.
— Бўлмаган гап! Сени ҳеч қачон жинни деб ҳисобламаганман. Сен ўзингни жинниликка солиб юрардинг. Дунё формуласини яратиб, дунёни осонгина ташлаб кетдинг. Сен дунёга хиёнат қилдинг.
— Ўзинг содиқ қолавер дунёйингга.
— Мен қасоскор одамман. Қасос олиш учун ҳам яшашим керак. Энди сен учун ҳам қасос оламан!
— Мен учун?.. Нима қилмоқчисан?
— Холидий сен осилган жойга осилади.

Анвар кулди, хохолаб кулди.
— Кулма, мен онт ичганман.
— Қачон?
— Сенга жаноза ўқилган куни. Ҳамхонанг менга айтиб берган ҳаммасини.
— Ҳаммасини? Ниманинг ҳаммасини?

Ўша куни, Анвар лаҳадга қўйилиб, қабрига тупроқ тортилгач, барча тарқалиб, Элчин дўстини ёлғиз ташлаб кетгиси келмай ўтирганида «Энг кичик илмий ходим» унга яқинлашиб, билганларини айтган эди. Анварнинг Холидий билан тўқнашувлари, газетадаги мақола, Ҳикмат Ўроловнинг ўлими, қабристондаги маъруза... ҳаммасини айтди. Ана ўшанда Элчиннинг қалбида ёвуз бир фикр уйғонди. Холидий айнан ўша жиннихонага, айнан ўша ҳожатхонага осилиши керак, деб ҳукм қилди. Фақат... ҳукм ижроси кечикди... Элчин Анвар ишлаган институтга бориб, Холидийни кўриб ҳам келди. Унинг кўзлари олайиб, тилини тишлаган ҳолда ҳожатхонада осилиб туришини истади. Жуда-жуда истади. Фақат... кечикди.

...Ҳушсиз ётган Элчиннинг хаёлидаги Анвар куларди, тўхтовсиз куларди.
— Кулаверма ҳадеб, — деб ранжиди Элчин. — Ўлдиришимга ишонмаяпсанми?
— Ишоняпман. Лекин сен осганинг билан у ўлмайди. У кўп бошли аждаҳо. Битта бошини осганинг билан бошқалари омон қолаверади. Боғбонларнинг ишларини кузатганмисан? Битта шохнинг учини кесса, ўша ердан икки-учта сурҳча чиқади. Сен битта Холидийни ўлдирсанг, ёнидан икки-учта Холидий ўсиб чиқаверади. Уларни осишга ҳожатхона етмайди.

Шундай деб яна кулди. Хохолаб кулди.
— Сенда қасоc туйғуси йўқ эди, — деди Элчин ўйчан тарзда.
— Сенда борми? Бекор гап! Сендаги туйғу — пуч бир нарса!
— Бекор айтибсан!
— Сенинг қасосинг кимга керак? Фақат ўзингга. Кўнгил хуморини босиш учун керак. Сенинг қасосинг — кашанданинг чилим чекишидек бир гап. Хумор тутганда бир чекади, тамом.
— Сен... кет... бошқа келма... Истамайман сен билан гаплашишни. Ноила билан тилларинг бир.
— Ноила нима дейди?
— Зайнабга ачиняпти.
— Тўғри қилади.
— Бу қасос эмас эдими?
— Қасос эмас эди, тўғри.
— Бундай дема! Бу— қасос! Мен Асадбекни қийнаб ўлдираман! Кейин ҳаммага айтаман: бундай ифлослар жазосиз қолмаслиги керак, дейман!
— Қўлингдан келмайди.
— Келади!
— Йўқ... энди ёнингда Зелихон йўқ...
— Усиз ҳам эплайман!

Анвар кулди, хахолаб кулди... Сўнг...

Сўнг овози узоқлашиб, оқибатда ўчди. Кейин қарға қағиллади. «Овозинг ўчсин», деб ўйлади Элчин. Қамоқда эканида, Русиянинг совуқ ўрмонларида юрган кезларида «Қарғанинг қағиллашида хосият йўқ», деб эшитиб, шу ақидага амал қилишга одатланган эди. Шу боис «Кишт!» деб ҳайдамоқчи бўлди. Қарға унинг пўписасини назарга илмади. Қағиллайверди. Шунда Элчин туш кўрмаётганини англаб, кўзларини очди. Овоз келган дераза томонга қаради. Боши айланиб дераза, дераза орқали кўриниб турган дарахт шохлари айқаш-уйқаш бўлиб кетди. Кўзларини чирт юмиб, чуқур нафас олган эди, биқинидаги оғриқ зўрайди.

Қарға яна қағиллади. У кўзларини очиб қаради. Бу сафар боши айланмади. Ташқарида дарахт шохига қўниб, шу хонага қараганича қағиллаётган қарға қанотларини патиллатиб қўйди-ю, учмади.

«Сенга нима керак?» деб пичирлади Элчин.

Қарға «гапингга тушунмадим», дегандай бошини қийшайтирди, сўнг шохни чўқилаб қўйди.

«Қандай аҳмоқ махлуқсан ўзинг?! — деб ўйлади Элчин. — Сенга нима бор бу ерда? Менга қандай хабар олиб келдинг? Ўлим хабарими ё ҳаёт умидими?.. Йўқ... Сенга ҳаёт умидини етказиш вазифаси берилмаган. Сен бор жойда яхшилик уруғи қурийди. Сен келсанг биров қувонмайди, кетсанг — ранжимайди. Сен... Худо қарғаган қушсан... Қизиқ... Қарға — Худо қарғаган қуш... Қизиқ... «Қарғиш» деган сўз «Қарға»дан олинганми? Худо қарғаган бандасига қарғани рўпара қиладими?..»

Бу фикр Элчиннинг товонидан бўғзигача ўтмас пичоқда тилиб, туз сепгандай бўлди. Бу оғриққа тоқат қилолмай, қаддини кўтариб, «Кишт!» деди. Қарға унинг ожиз сасини эшитгандай, бошини буриб қаради. Сўнгра эса «Вазифамни бажариб бўлдим», дегандай бир қағиллади-ю, учиб кетди.

2

Профессор Ҳабиб Сатторов Лондондан қайтгач, Москвада яна икки-уч ой қолмоқчи эди. Уйига қўнғироқ қилиб, хотинидан «Тезроқ келсангиз яхши бўларди» деган мужмал гапни эшитгач, фикри ўзгарди. «Ҳойнаҳой онам бетобдирлар. «Эрингни чақиртир», деб сиқувга олгандирлар», деган ўйда йўлга ҳозирланди.

Уйига кириб келиши билан сўраган биринчи саволи шу бўлди:
— Ойим тузукмилар? Нега ланж гапирдинг?
— Ойим... тузуклар. Бирпас дамингизни олинг. Соғиндик-да... — деди хотини жилмайиб. Ҳабиб Сатторов сезгир одамлар тоифасидан эмас. Инсон руҳиятидаги, чеҳрасидаги ўзгаришларга етарли аҳамият бермас эди. Сезгирроқ бўлганида хотинининг жилмайиши ортида бир дард яширинганини, ташвишли хабар айтишга тили айланмай қийналаётганини фаҳмлаган бўларди.

Қизлари ўқишда, уйда эр-хотин ёлғиз эдилар. Шу боис «соғиниш» сўзи Ҳабибга ўзгача оҳангда эшитилиб, хотинининг белига қўл юборди.
— Вой ўлай, куппа-кундуз куни-я! — деди хотини нозланиб.

Бу нозланишдан сўнг у ўзини эрининг бағрида кўрди.

Телефон жирингламаганида соғинч деган туйғу уларни ноқулай аҳволга солиб қўйиши мумкин эди. Чунки телефон қўнғироғидан кўп ўтмай кичик қизи ўқишдан қайтди...

Ҳабиб Сатторов чой ичиб бўлгач, кийимини алмаштирди.
— Би-ир ишхонага ўтиб келай, — деди у хотинининг савол назарига жавобан.
— Ҳовлига-чи? Ойимларни кўргани бормайсизми?
— Бораман, бораман... Аввал институтга ўтаман. Ҳовлига кейин. Фанлар академиясидан бир халта қоғоз беришган. Директорга топшириб қўяй, балки зарур ҳужжатлардир...

Хотини лабини тишлади, аммо гапини айта олмади.

Ҳабиб Сатторов институтга кираверишдаги даҳлизга осилган, атрофи қора ҳошия билан ўралган суратни кўриб, тўхтади. Шу даргоҳда узоқ йиллар ишлаган, лекин илмга заррача фойда бермаган, кейинги йилларда «кекса олим» сифатида ёшларга панд-насиҳат қилиб юрувчи илмий ходимнинг оламдан ўтгани ҳақидаги хабарни ўқиб, «Худо раҳмат қилсин», деб қўйди. Ҳабиб Сатторов Лондонга кетмасидан илгари бу одам унинг хонасига кириб: «Ўйлаб қарасам, шунча ишлабман-у, битта отнинг тақасини ҳам беришмабди. Ҳатто битта медалим ҳам йўқ-а?! Ўлиб қолсам, ёстиқчага нимани тикиб олиб чиқишади. Болаларимдан уяламан. Хўжайинга сиз айтинг. Қирқ йилдан ошиқроқ ишладим. Ҳеч бўлмаса «Меҳнат ветерани» медалини олиб берсин», деган эди. Ҳабиб Сатторов «Катта» билан яхши муносабатда бўлмаса-да, унинг илтимосини айтган эди. «Медални олишга улгурдимикин? — деб ўйлади Ҳабиб Сатторов. — Бечора олган мукофотларини ёстиқчага қадаб, тобутининг олдида кўтариб боришларини орзу қилган экан-да? Бу мукофотлар у дунёда иш берармикин? Мукофотлари йўқлар нима қиларкин?..»

Шу фикрларда кетиб бораётганида ҳамкасблари йўлиқиб, уни эсон-омон қайтгани билан қутлаб, сўнгра «Бандалик», деб қўйишди. Ҳабиб Сатторов буни кекса илмий ходимга нисбатан айтилувчи сўз деб ўйлаб, «Ҳа, энди, умр дегани шу-да» деб қўяверди. Билдирилган ҳамдардликка бу ҳолда лоқайдлик билан жавоб берилишидан ажабландилар. Аммо ҳеч бири «Укаси ўлган одам ҳам шунақа бўладими?!» демади.

Ҳабиб Сатторов қабулхонага кириб, раҳбар ўтирган хона эшигини очмоқчи эди, котиба тўхтатди:
— Соҳиб Пўлатович бандлар.
— Мажлисми? — деди Ҳабиб Сатторов тўхтаб.
— Бандлар, — деди котиба лабини буриб.
— Мени танияпсизми? — деб ажабланди Ҳабиб Сатторов. У раҳбар билан яхши муносабатда бўлмаса-да, бошқаларга нисбатан бу хонага бемалол кириб-чиқаверар эди.
— Танияпман, — деди котиба, кейин тортмасидан бир варақ қоғоз чиқариб узатди: Ҳабиб Сатторов унинг бу қилиғидан ажабланиб, қоғозни олиб ўқиди: «Буйруқ №... Меҳнат интизомини сурункали бузгани учун Ҳабиб Сатторов вазифасидан озод этилсин...»

Ҳабиб Сатторов буйруқни қайта-қайта ўқиб, котибага «Эсларинг жойидами?!» дегандай қаради. Бундай тушунмовчиликларга, ажабланишу ҳайратланишларга кўникиб қолган котиба «Менга нима, буйруқни мен чиқармайман», дегандай кичкина эговчаси билан тирноғини эговлайверди.
— Ким бор олдида? — деди Ҳабиб Сатторов овозини баландлатиб.
— Мумкин эмас, бандлар, — деди котиба яна лабини буриб.

Ҳабиб Сатторов яна бир оз чидаб турди-да, кейин котибанинг ҳай-ҳайлашига қарамай, эшикни шарт очиб, ичкари кирди. Асосий хона кимсасиз, бироқ, орқа томондаги дам олиш хонасидан аёл кишининг нозли кулгилари эшитиларди. Ҳабиб Сатторов «Нима қилсам экан?» деб ўйлаб турмади. Дам олиш хонасига бостириб борди. Чала ярим ечинган ҳолича бақалоқдан келган Соҳиб Пўлатовга карашмалар қилаётган йигирма уч-йигирма беш ёшлардаги жувон эшикдан кириб келган Ҳабиб Сатторовга кўзи тушиб, қичқириб юборди. Бу қичқириқдан чўчиб тушган Соҳиб Пўлатов орқасига ўгирилиб, кутилмаган меҳмонни кўрди-ю, аввалига бир оз довдиради. Сўнг ўзини қўлга олиб, жилмайганича ўрнидан турди-да, ҳеч нарса бўлмагандай Ҳабиб Сатторовга қўл узатиб, кўришмоқчи бўлди:
— Ҳабиб Сатторович, салом, салом, яхши келдингизми?

Ҳабиб Сатторов унга қўл чўзмади, кўришмади. Соҳиб Пўлатов бунга ҳам эътибор бермагандай, қизга қаради-да:
— Сиз бораверинг, ишингизни қилаверинг. Ҳаммаси яхши бўлади, — деди. Сўнг Ҳабиб Сатторовни катта хонасига бошлаб, ўз ўрнига ўтирди. У қисқагина фурсатда довдираш, ўнғайсизланишдан бутунлай қутулган, жиддий, мулоҳазали раҳбар қиёфасига кириб олган эди. У қўнғироқ чалиб, котибасини чақирди-да, икки кишилик қаҳва буюргач, Ҳабиб Сатторовдан:
— Сафарингиз яхши ўтдими? — деб сўради.
— Сафар-ку, яхши ўтди, аммо мана бунга тушунмадим, — деди Ҳабиб Сатторов қўлидаги қоғозни унга узатиб.
— Нима бу? — деди Соҳиб Пўлатов ҳеч нарсадан хабари йўқ одамдай. Кейин буйруққа кўз югуртиргач, қоғозни нари сурди: — Ҳа, буми, арзимаган бир гап. Расмиятчилик. Давлатнинг меҳнат интизоми ҳақидаги қонуни бор, азизим. Унга барчамиз бўйсунамиз.
— Мен Англияга иш билан кетган эдим, аммамнинг тўйига эмас. Ўз ҳисобимдан...
— Хабарим бор. Аммо ўз ҳисобингиздан олган таътилингиз саккиз кун олдин тугаган. Лекин, азизим, сиз ташвишланманг. Бу бир расмиятчилик. Сиз менга тушунтириш хати ёзиб беринг. Сизни ишсиз қолдирмаймиз. Фақат мудирликда эмас... илмий ходим бўлиб ишлаб тура турасиз. Мудирликка одам тайинлаб қўювдим. Академия ҳам тасдиқлаган.

Ҳабиб Сатторов унинг гапларини эшита туриб «Тупурдим сенинг марҳаматингга! Мен Москвагами, Англиягами кетиб ишлашим ҳам мумкин. Аммо сен шу шилта ерингдан бир қарич жила олмайсан!» демоқчи бўлди-ю, тилини тийди. Жой талашиб, паст кетишни истамади. Буйруқни кўра солиб, бостириб киришининг заифлик аломати бўлганини фаҳмлаб, ўзини ўзи койиди. «Шу бадбахтнинг ҳузуридан бошимни эгиб чиқсам, бир умрли шармандалик бўлади», деган фикрга келиб, қаддини ғоз тутди.

Унинг бир оз жим қолганини Соҳиб Пўлатов ўзича тушуниб, қўли баланд келганига ишонган ҳолда гапини давом эттирди:
— Яна ҳам мен сизни ҳурмат қиламан, азизим, Сиздай олимлар кўчада қалашиб ётгани йўқ. Баъзи ўртоқлар буни тушунишмайди. Ҳатто партбилетни столга қўйсин, дейдиганлар ҳам топилди. Мен уларга қатъий қарши чиқдим.
— Бекор қилибсиз, — деди Ҳабиб Сатторов истеҳзо билан кулиб.
— Нега бекор бўларкан? Мен кадрларни қадрлашни биламан. Сиз эса мен ҳақимда нотўғри фикрларда юрасиз. Партбилет, азизим, сиёсий масала. Сиёсий масала эса — ҳазил гап эмас! Учиб кетишингиз ҳеч гап эмас!
— Барибир бекор қилибсиз. Мен партбилетни столга қўймасдим, — Ҳабиб Сатторов шундай деб муғомбирларча кулди-да, яна қўшиб қўйди: — икки дунёда ҳам қўймасдим.
— Сиз... катта кетяпсиз. Сиз уларни билмайсиз. Улар шундайки... қўйишга мажбур бўлардингиз барибир.
— Қўймасдим, — деди Ҳабиб Сатторов ўжарлик билан.
— Нега?
— Чунки менда партбилетнинг ўзи йўқ. Партиясизман.

Соҳиб Пўлатов жойида бир қимирлаб олди.
— Бўлар иш бўлибди, — деди Ҳабиб Сатторов ғолиб одамнинг овози билан. — Ўзим ҳам «Бўшасаммикин», деб юрувдим. Буйруқ учун раҳмат. Энди мен компютеримни олиб кетсам.
— Қанақа компютер?
— Билмайсизми? Наҳотки? Буюк Британия қироллик академияси Ҳабиб Сатторовга бешта компютер совға қилган эди. Биттаси шахсан ўзимга совға, қироличанинг дастхати ҳам бор. Билишимча, компютернинг учтаси Москвада қолган. Иккитаси шу ерда. Майли, мен фақат дастхат битилганини олай. Биттаси институтда қолсин.
—Э, йўқ, азизим, — Соҳиб Пўлатов шундай деб жилмайди. — Сизга беролмаймиз уни. Булар институтнинг мулки. Сиз эса бизда ишламайсиз. Сизга фақат бир яхшилик қилишим мумкин: истаган пайтингизда келиб фойдаланишга ижозат этаман.

Шуниси ортиқча бўлди. Ҳабиб Сатторов шунисига чидай олмасдан чапаничасига сўкиб юборди. Шу сўкиш баҳонасида ҳар икки томон айтадиганини айтиб, юрагини ғубордай босиб турган аламлардан фориғ бўлди. Ғазаб тошлари тугагач, Соҳиб Пўлатов:
— Академик Холидий домла укангни жинни, девдилар. Тўғри айтган эканлар. Ўзи уруғларингда бор экан жиннилик, — деб баҳсга якун ясади.

Ҳабиб Сатторов бу якунга қарши бир гап айтмади. Соҳиб Пўлатовнинг фикрини маъқуллаганидан эмас, аксинча, айтилган гапнинг нақадар тубан, нақадар пуч экани сабабли унга жавоб қайтаришни лозим топмади. У ўз кўнглида сукут сақлаб, ҳарифидан баланд келди, ғолиблик шоҳсупасини эгаллади. Соҳиб Пўлатов эса сўнгги гапи билан уни «тамоман мажақлаб ташлаганига» амин эди.

Ҳабиб Сатторов кўчага чиқиб бир оз юргач, тўхтади. «Яна бир-икки оғиз гапни айтсам бўлар экан», деган фикрда афсусланди. Сўнг «Шу одамга гап таъсир қилармиди», деган фикр билан ўзини ўзи овутди. Агар унинг ёнида Собитхонга ўхшаш илм соҳибларидан бири бўлганида, айни бир ҳақиқатни айтиб, кўнглига таскин берарди. Афсус шуки, ёнида бундай ақли расолардан йўқ. Яна бир афсус шуки, ўзи шу ёшга етиб аҳли донишлар суҳбатига интилмади. Худо берган ақл хазинасини карра жадвалдан тортиб, турли формулалар билан тўлдирди. Агар руҳоний илмга озгинагина жой бергандами эди «Ас-синатуҳум аҳла минал асал ва қулубаҳум қулубуз-зиааб»[1] — ҳадиси шарифининг нени англатишини билган бўларди. Соҳиб Пўлатовнинг қилиқларини шунда тушуниб етарди. Бўри қўйхонага ораласа, бир неча жониворни бўғизлайди. Ҳолбуки, биттагина қўйни олиб кетади. Соҳиб Пўлатов ҳам шундай. У ҳозирча Ҳабиб Сатторовни ишдан бўшатди. Ҳали шогирдлар, тарафдорлар... туришибди. Ҳабиб Сатторов ҳозирча бу ҳақда ўйламайди...

У автобус бекатига қадар бўлган ярим чақиримлик йўлда хаёлини ҳозирги нохушликлардан тозаламоқчи бўлди. Бу — унинг ҳамишалик одати. Бирон ноҳақликка дуч келса, кўнгли ғашланса, жанжалли ҳолатда ўзини тутиб, ҳатто буни узоқ ўйламай, хаёлидан чиқаришга ҳаракат қилади. Бунинг учун у кўнглига ҳузур бахш этувчи яхши дамларни эслаб, кўз олдига келтиради. Ҳозир ҳам шундай қилди. Англиядаги дорилфунунда кечган масъуд дамларини, маърузаларидан кейинги олқишларни, қиролича ҳузуридаги қабулни эслади. Эслади-да, «Мен ким-у, у ким? Эртага ишдан олинса, туфлаб ташлаган тупугимга арзимайди», деб ўзига-ўзи тасалли берди. Соҳиб Пўлатовларнинг эртага ҳам, индинга ҳам ишдан олинмасликларини эса, ўйлаб кўрмади.

Болалиги ўтган уйга келгандан кейингина ҳамкасбларининг нима сабабдан таъзия билдирганларини англади. Шум хабарни эшитиб, бир оз гарангсиди. Онасининг фиғонли йиғиси юрагини ўртаб юборди. Машойихлар «Отамлатсанг отамлатгин, бўтамлатмагин», деб бежиз айтмаганлар. Фарзанди дардида эзилиб-эзилиб йиғлаётган онанинг дардини яна қандай дард билан қиёслаш мумкин? Бундан улуғроқ дард йўқдир... Эҳтимол... Яна ким билади... Рисолат кампирнинг айтиб йиғлашига агар тоғ қоялари тушунишса, аламдан балки тарс-тарс ёрилиб кетарми эдилар. Ажаб ери шундаки, Ҳабиб Сатторов онасининг йиғисидан ўртанди... Аммо... ўзи йиғламади. Йиғи келмади. Бундан ўзи ҳам ажабланди. Кейин ўзидан-ўзи нафратланди.

Онаси бир оз юпангач, кўча эшик оғзида ҳассага таянган Собитхон кўриниб, «Опоқи!» деб чақирди. Рисолат кампир уни овозидан таниб, ўрнидан турди-да, уй остонасига борди:
— Келинг, Қори болам, келаверинг, — деди у йиғламсираган овозда.

Ҳабиб Сатторов ҳовлига чиқиб меҳмонни кутиб олди. Рисолат кампир Собитхон билан йиғлаб кўришди.

Собитхон кўрпачага ўтиришга қийналгани сабабли, стулга чўкди-да, ширали овозда тиловат қилди. Фотиҳадан сўнг Рисолат кампир одати бўйича «Худонинг иродаси шу экан-да», деб қўйди. Собитхон «Онажон, бу Худонинг иродаси эмас, Худо бандаларига жонларингга қасд қилинглар деб буюрмаган. Жонга қасд қилиш — шайтон иродасига бўйсунишдир. Афсуслар бўлсинким, биродаримиз шайтон қавмида кетибдилар», демоқчи бўлди-ю, илмдан бехабар бу аёлнинг аламли ярасига туз сепмай, деб тилини тийди.
— Қўқондан келибоқ шу шумхабарни эшитдим. Оллоҳ сизга сабр берсин. Барчаларимизни ўзи ҳидоят йўлига бошласин, — деди Собитхон.
— Юришингиз сал бежороққа ўхшайди. Ҳали ҳам яхши тузалиб кетмадингизми? — деб сўради Рисолат кампир меҳрибонлик билан.
— Шунисига шукр. Дўхтирлар юролмайди, деб башорат қилишувди. Уларнинг эмас, Оллоҳнинг айтгани бўляпти.

Собитхон узоқ ўтира олмас эди. Шу сабабли кампирдан ижозат сўраб, ўрнидан турди. Ҳабиб Сатторов уни кузатиб қўйди. Изига қайтаётганида ошхонадан чиқаётган келини — Хонзодага тўқнаш келди. Хонзода қайин оғасига салом бериб кўришиб, ошхонага кирганича энди чиқиб келаётгани эди. Ҳабиб Сатторов келинига бир қаради-ю, унинг бир неча ой орасида бир неча йилга қариганини сезди. Турмуш икир-чикирларига унча эътибор бермайдиган бу олим кейинги ўтган ойлар келини учун нақадар машаққат бўлганини билмайди. Хонзоданинг кечалари тўккан кўзёшлари жамлансами, денгиз бўлмаганда ҳам кўл бўлар.

Беванинг, айниқса, тирноққа зор беванинг зорли, ғамли оҳларига тун қандай чидар экан, замину само қандай чидар экан? Ернинг оҳлари тўпланиб, сўнг вулқон каби портласа керак. Бева фарёд қила олса эди, бу фарёдлар жамланса эди... Вулқон нима экан, Ер коинотдаги йўлидан адашарми эди... Лекин Ҳабиб Сатторов буларни ҳис қила олмайди. Хонзоданинг отасиникига кетишини ё кўзи ожиз қайнонасини боқиб шу ерда ўтираверишини билмай гарангсиши ҳам унга бегона. Агар Ҳабиб Сатторовга биров «Идда ўтибди, энди келинингиз бошқа турмуш қуриши керак», деса ҳайратланиши турган гап.

Келинининг маъюс боқишини кўрган Ҳабиб Сатторов унга нимадир дейиши лозимлигини сезди. Аммо ўша «нимадир» калласига кела қолмади, тилига туша қолмади. Аввалига укасининг сўнгги кунларини сўрамоқчи эди, лекин «Ярасини тирнамай, вақти билан айтар», деган ўйда фикридан қайтди. У айни дамда ё уйдаги, ё ишхонадаги аҳволдан сўз очиши мумкин эди. Биринчиси ўзига маъқул келмагач:
— Институтда нима гаплар ўзи? — деб сўради.

Бу савол Хонзодага ғалати туюлди. Қайноғасидан тасалли кутган бу бева унга ер остидан яширинча бир қараб қўйди-да:
— Тинчлик, — деди хаста овозда.
— Тинчлик бўлса яхши... — деди Ҳабиб Сатторов, сўнг келинига синовчан боқиб қўшиб қўйди: — Директорларинг ҳам тинчми? Бошқаларга... ғаламислик қилмаяптими?

Хонзода «Институтга борибсиз, билгандирсиз?» дегандек савол назари билан бир қараб олиб, ерга тикилди:
— Кайфиятлари ёмонроқмикин... Бир мажлис бўлувди..

«Мажлис» деган сўзни эшитиб Ҳабиб Сатторов сергакланди:
— Хўш, хўш, хўш, давом этинг-чи, нима гап бўлди ўша мажлисда?
— Мажлисда... сизнинг чет эллардаги ишларингизни гапиришди. Хуллас... айтишдики... сиз...
— Тортинмай гапираверинг, нима дейишди?
— Сиз... капитализмга хизмат қилибсиз.
— Ў, шундай дейишдими? Бағоят гўзал айтилибди. Капитализмга хизмат қилиш... — Ҳабиб Сатторов шунақа дегач пешонасига аста шапатилаб қўйди. — Вой, хомкаллалар, вой хомкаллалар! Ахир бу фан, сиёсат эмас! Фан капитализмга ҳам, сотсиализмгаю бошқа «изм»ларига ҳам хизмат қилмайди. Фан — фанлигича, олим эса олимлигича қолади. Сиёсатдонлар ё у «изм»га, ё бу «изм»га бўйсинади. Иккита-учта «изм»ни ўйлаб топиб, дунёни бўлиб ҳаммани гаранг қилишади. Фан олами бундай «изм»ларга бўлинмаган, бўлинмайди ҳам! У қовоқ каллалар қачон тушуниб етишади буни?!

Хонзода қайноғасининг гапларига тушунмагандай қараб тураверди. Бу гапларни келинига айтишнинг фойдаси йўқлигига ақли етган Ҳабиб Сатторов кафтларини бир-бирига уриб қўйди-да:
— Ҳа, майли, қўяверинг. Улар итга ўхшаб ҳураверишади, — деди. — Нима бўлса бўлди! Кунимиз шундай тўнкаларга қолганидан кейин нима қилардик.

Хонзода қайноғаси билан гаплашиб туришдан ийманиб, орқасига аста тисланди. Буни сезган Ҳабиб Сатторов ҳам эшик оғзидан ўзини четроққа олди.
— Ҳали институтга борувдим... Овсинингиз менга бу хабарни айтмовди-да, — деб ўзини оқлади. — Янгиликдан хабарларинг борми?
— Қайси янгилик?
— Мени ишдан бўшатишибди-ку?
— Эшитдик. Академияга хат ёздик.
— Бекор қилибсизлар. Эртагаёқ хатни қайтариб олинглар. Унинг одати маълум, хатга ким қўл қўйган бўлса, битта-битта бўшатади. Мен... аслида ўзим ариза ёзмоқчи эдим. Биратўла Москвага кетаман. Бу ердаги ноҳақликлар жонимга тегди.
— Масковда... — деди ўйчан тарзда Хонзода. — Масковда ҳақиқат бор деб ўйлайсизми?

«Масковда ҳақиқат бор деб ўйлайсизми?..»

Хаста, ўйчан тарзда эмас, Анварнинг кинояли овозида айтилгандай бўлди бу гап.

«Масковда ҳақиқат бор деб ўйлайсизми?»

«...ҳақиқат бор деб ўйлайсизми?»

«...ўйлайсизми?..»

Ошхона ичкарисида хаста овозда айтилган бу гап Ҳабиб Сатторовнинг назарида бутун маҳаллани зириллатгудай бўлиб жаранглади, акс-садо берди.

Сўнгги учрашувларида Анвар шундай деб эди.
— Масковда ҳақиқат бор деб ўйлайсизми?
— Менга ҳақиқат эмас, илмий иш учун шароит керак.
— Ҳақиқат йўқ ерда шароит ҳам бўлмайди. Домлангиз бошингизни силагани билан «қора-қуралар насибамизни еб кетяпти», дейдиганлар кўп у ерда...»

Қизиқ, йўл устида айтилган гапни ўшандаёқ унутган эди. Келини эсга солди... Унда Анвар билан пича баҳслашган эди, насиҳат ҳам қилиб эди. Энди келинига нима десин?

Бу гап аъзои баданига титроқ юборди. Келинига норози қиёфада қаради-да:
— Сиз ойим билан ўтира туринг, мен Анварнинг хонасига кирай, — деб уй томон юрди. Анвар учун ҳам дарсхона, ҳам меҳмонхона вазифасини ўтаган уйга қадам босиб кириб, ўртада тўхтади. Ўзининг куёвлик онлари кечган бу уй деярли ўзгаришсиз. Фақат... ранглар унниққан. Қайси бир йили чакка ўтганидан шифтдаги фанернинг айрим жойлари тиришган. Уйни қайтадан бўёқдан чиқаришга Анварда қунт ҳам, тоқат ҳам, муҳими — маблағ ҳам йўқ эди.

«Ўзим қараб турсам бўларкан», деб ўйлади Ҳабиб Сатторов.

Қайси бир йили онаси «Укангнинг топиш-тутишида барака йўқ, сен қарашиб тур», деганда «Укам ёш бола эмас. Ҳаракат қилсин. Ҳар ким ўз аравасини ўзи тортиши керак», деб уни ранжитган эди. Мана энди афсусланиб турибди. Энди бу афсусдан не фойда? «Ҳайитгача уйини мойлатиб бераман», деб ҳам ўйлади. Энди уйнинг мойи янгиланди нима-ю, янгиланмади нима? Ҳайитгача Анвар тирилиб келиб ўтирармиди? Ё Хонзодага керакми? У эрининг йили ўтгунча ўтирар, кейин кетар... Кейин Ҳабиб Сатторовнинг ўзи кўчиб келар...

Бир оёғи сингани туфайли каноп билан боғлаб қўйилган, дераза токчасига қадалиб турган стол ҳозиргина ҳовлига чиққан эгасини кутаётгандай мунғайиб кўринди. Хонзоданинг келинлигида тортиқ этилган бу стол меҳмонлар учун ҳам, дарс учун ҳам хизмат қиларди. Дам ўртага судралиб, дам дераза томонга қўйилавериб оёғи синган бу столнинг «табиби» Анвар ўлимидан уч кун олдин «вақтинча» боғлаб қўйган эди.

Стол устида уч-тўрт китоб, тахлам қоғоз, бир неча турли қалинликдаги дафтар турарди. Анвар сўнгги марта бу уйдан чиққанида булар сочилган ҳолда эди. Кейин... Хонзода титроқ қўллари билан батартиб ҳолга келтирди.

Стол устида қалам ётибди... худди ҳозиргина ишдан ҳориб ёнбошлагандай... Ёки етим қолганидан бўзлаб, бағрини ерга бериб ётгандай. Шуниси тўғридир... қалам етим... китоб-дафтарлар етим, синиқ оёғи каноп билан боғланган стол, ҳатто уй етим... Фақат етим бола йўқ. Отани соғинувчи, «вой отам»лаб йиғлагувчи фарзанд йўқ.

Хаёлига шу фикр келганда кўзларига ёш қуйилди. Бағри куйиб йиғлади. Нима учун йиғлади? Укасидан зурёд қолмаганиданми? Ёки ўзининг ёлғизлигиданми? Ўз таъбири билан айтганда, «аҳмоқ бўлса ҳам» укаси бор эди. Энди... кўзи ожиз онаси, хотини, икки қизи... «Москвага ёки Англияга бориб ишлайман», деди. Ўзи-ку, бориб келар. Онасига ким қарайди? Хотиними? Қайнона-келин муносабати аниқ-ку?

Ҳа... у ўзининг қисматига ҳам йиғлади. У олимлигини унутиб, одам эканини эслади.

Шунисига ҳам шукр...

Ҳабиб Сатторов унсиз йиғлаган ҳолида бир оз тургач, стол ёнидаги стулга ўтирди. Бир неча дақиқа ҳаракатсиз ўтирди. Китоб-дафтарларига қўл теккизишга ботинмади. Китоб-дафтарлар қўл тегиши билан «Вой, эгам!»лаб дод соладигандай туюлди. Бир оз ҳаракатсиз ўтиргач, қўлига қаламни олди. Қаламнинг баданида тишларнинг изи...

Хаёлга берилиб, беихтиёр қаламни тишлаган ҳолда нималарни ўйлади экан? Балки ўзини қачон, қаерда, қандай осишни ўйлагандир?

Шу фикр хаёлига урилиши билан, қўли титраб, қаламни жойига ташлади. Сўнг дафтарни олиб, варақлади. Айрим сатрларига кўз ташлади. Анвар ҳуснихат эгаси эмасди. Айрим сатрлари ўлаётган одамнинг кардиограммасини эслатарди: дастлабки ҳарфларни ўқиш мумкин эди, сатр охирида ҳарф дегани тўғри чизиққа айланарди.

Ҳабиб Сатторовга бу дафтар илмий ишнинг қораламаси каби туюлиб, айрим сатрлар диққатини тортди. Биринчи синф боласидай ҳиж ўқий бошлади:

«...Бир халқ ўз ихтиёри билан бошқа халққа қандай қилиб қўшилсин? Хўп, номуҳтарам, ноакадемик, ножаноб, балки бу дунёда сизнинг аҳмоқ каллангиз билан фикр юритадиган галварсларга эргашиб каттароқ ёки кичикроқ халқлар қўшилар. Лекин қандай қилиб бир миллат ўз ихтиёри билан бошқа миллатга қўшилсин? Бу ҳолда қўшилгувчида ор-номус бўларми? Миллат — бир динга мансубликми? Бир миллат ўз ихтиёри билан бошқа миллатга қўшилибдими, демак у ўз динидан, ўз имонидан, виждонидан юз ўгирибди. Алқисса: «Ўрта Осиё Россияга ўз ихтиёри билан қўшилди», деган гап ўрта осиёлик мусулмон динидан чиқиб насронийликни қабул этди, дегани эмасми? Шу ёлғонни чинга айлантириб бераётганлари учун валинеъматларидан мукофотлар оладилар. Бироқ, тентакона бу гапга ким ишонади, кимларни ишонтирмоқчи бўлишади. Омиларними? Омиларга бари бир — ким нон берса, кайфини хушласа ўшанга қуллуқ қилаверади. Қорнини тўйғазиб қўйиб, қамчиласа ҳам ғинг демайди. Бунақа оми одам нима — мол нима — фарқсиз. Аммо... (Аммо!) онгли одамлар кўп-ку? Уларни чалғитиш мумкинми?

Одамнинг ўнг елкасида Раҳмон фариштаси, чап елкасида Шайтон боласи туради, дейишади. Балки шундайдир. Лекин менинг назаримда (бунинг тўғри ёки нотўғрилигини Собитхондан сўраб олишим керак!!!) одам ўнгга қараса ҳақиқатни, чапга қараса — алдовни кўради. Одам ўнг томонига бошини бурса, юзига шапалоқ (балки муштдир, Худо уларга инсоф берсин) билан урадилар. Чап томонга бурса, пешонасини силайдилар. Унинг кўзи ажойиб нарсаларга, «имтиёзлар» деб аталувчи бу дунё жаннатига тушиб роҳат топади...»

Фикр шу ерга етганида сатрлар узилиб, араб ҳарфларида бир нималар ёзиб қўйилган эди. Агар Ҳабиб Сатторов араб алифбосини билгандами, беадад улуғ ҳикматни ўқир эди. Дафтардаги:

«Изо, каанам туробу далила қовмин, Саяҳдиҳум ила арзил жияфи»[2] деган арабий байтнинг Соҳиб Пўлатовга ҳам тегишли эканини англарди.

Ҳабиб Сатторов дафтарни яна варақлаб «жиннихона» деган сўзга кўзи тушиб жумла бошини излади.

«...Мени жиннихонга келтиришди. На иззат, на-да икром, на поёндоз, на-да гуллар бор. Обрў ҳам шунчалар бўлар-да. Ишончим комилки, агар Нортожиев (яъни Горбачев) жиннихонага ётқизилса, бундан ортиқ обрў ололмайди. Демак, мен обрў жиҳатдан Нортожиев билан тенгман. Орамиздаги фарқимиз, у — профессионал, мен эса келажаги порлоқ ҳаваскор жинниман! Қандай яхши! Келажаги йўқ ёш олим бўлган дурустми ёки келажаги порлоқ ёш жинни аълороқми? Албатта кейингиси — муддаонинг ўзи! Дарвоза тепасига «Ленин биз билан», деб ёзиб қўйишибди. Энди «Бутун дунё жиннилари, бирлашингиз!» деб ёздирамиз. Қизиқ... жиннилар нима учун бирлашишмас экан? Балки бирлашишгандир?.. Ҳа, бирлашганлар! Фақат уларга «жинни» деган унвон берилмаган. Улар — ақлли жиннилар. Биз эса... мен эса... аҳмоқ жинниман. Йўқ, улар жинниларми? Мен жиннихонадаман. Демак, мен уларнинг меҳмониман. Буниси қойил! Лекин... бир кунмас бир кун, биз ҳаваскор жиннилар ҳам бирлашамиз. Сўнг... Хўш, сўнгра нима қиламиз? Ҳа, энг аввали ўзимизни «Ақлли жинни» деб эълон қиламиз. Кейин эркакни хотин, хотинни эса эркак деймиз. «Фалончининг эри туғди» ёки «Фалончининг эри боласини эмизмаётган эмиш...» ёки «Фалончининг эри бошқадан иккиқат эмиш». Зўр-а! Болалар-чи? Туғилган болаларни «буваси», «бувиси» деймиз... Қарабсизки, қиёмат! Энг қиёмати — телевизорнинг ҳамма каналларида фақат «Ўзбекфилм» томошаларини кўрсатамиз. Қарабмизки, эрталаб наҳорга босмачи, нонуштага босмачи, тушликка ҳам, кечликка ҳам. Заҳартанг қилиб ёки уйқуси қочиб турса ҳам — «Ўзбекфилм»...

Шу ерга келганда Ҳабиб Сатторовнинг тоқати тоқ бўлиб дафтарни ёпди-да, нари сурди.

«Майнавозчилик! — деб ўйлади у. — Умрини шунақа майнавозчилик билан ўтказди. Жиннихонага ҳам майнавозчилиги туфайли тушган. Ўша ерда ётиб ҳам шу қилиғини қўймаган. Ҳаётга шунақа енгил қараган. Енгил қарагани учун ҳам ҳаётдан осонгина кета қолди. Унинг яшашдан мақсади йўқ эди. Ҳамма фожиа шунда!»

Ҳаётни оддий одам сифатида эмас, олим дунёқараши билан тушунувчи Ҳабиб Сатторовнинг укаси ҳақидаги фикри шундай эди.

«Енгил қарагани учун ҳам ҳаётдан осонгина кета қолди...»

Во ажаб! Ўзини осди, дегани ҳаётдан осонгина кетди, дегани эмас-ку? Тўғри, бир неча нафасда жон чиқади. Лекин бўйнига сиртмоқ солгунча қийналмайдими? Сиртмоққача бўлган соатлар, кунлар, ойлар, балки йиллар азобини ким ҳисоб-китоб қилади?

«Унинг яшашдан мақсади йўқ эди...»

Нақадар хато фикр! Анварнинг мақсади уникидан улуғроқ эди. Ҳабиб Сатторов бу оламда «Ватан озодлиги, ҳурлиги» деган тушунча мавжудлигини ўйлаб ҳам кўрмаган. Шу сабабли ҳам ҳурлик хусусида сатрлар битилган столга тирсагини тираган ҳолда ўтириб, укасини ножўя айблади.

XIII боб

1

Асадбек кейинги пайтларда пухта ўйламай туриб қарорлар қабул қилаётган бўлса-да, Чувринди унинг ҳолатини билгани учун қаршилик билдирмади. «Ғилайни олиб, Масковга жўна», деганида «Ўша ёққа бориш шартми? Агар шарт бўлса, кейинроқ борилса-чи», деб эътироз билдиришга оғиз жуфтлади-ю, ҳожасини ғазабга солмаслик учун тилини тийди. Асадбекка бўйсиниб йўлга отланди.

Улар сафарга «депутатлар хонаси» орқали чиқишарди. Бу гал ҳам одат канда бўлмади. Хона бекаси Чувриндини яхши танирди. Аниқроқ айтилса, бу гўзал жувоннинг хона бекаси бўлишида унинг хизмати бор эди. Хона бекаси уларни қаршилаб, учоқ бир оз кечикишини айтди-да, қаҳвахонага бошлади.

Чувринди қаҳвахонада Орзубекни кўриб қувонди.
— Бирга учамиз шекилли? — деди Чувринди у билан кўришгач.
— Агар Москвага бўлса, бирга учамиз. «Ватанимиз юраги»га, — деди Орзубек кейинги сўзларга киноя оҳанги бериб.

Иккита қаҳва келтирган бекачага Ғилай ароқ буюрган эди, Чувринди «Масковга бориб келгунча чидайсан», деб жеркиб берди. Ғилай бундан аразладими ё тор хонада ўтириб сиқилдими, чекиб олиш баҳонасида ташқарига чиқди.
— Бу ҳам ўзларингизданми? — деб сўради Орзубек.— Кўринишидан жаллодга ўхшайди.
— Жаллодлик унинг иккинчи истеъдоди, — деб кулди Чувринди.
— Москвага малака оширишга олиб кетяпсизми ё Бутуниттифоқ ёш жаллодларининг кўрик конкурси борми? — Орзубек шундай деб кулди. Унинг кайфияти яхши эди, шу сабабли ҳазилини давом эттирди: — Шунақа ўтказилса яхши бўларкан. Мана, эшитинг-а: «Алло, биз каллакесарларни излаяпмиз!» Орадан бир ой ўтгач бу ерда янги кўрсатув пайдо бўлади: «Марҳабо, каллакесарлар!»

Чувринди депутатнинг беғараз ҳазилидан кулди. Аслида бу ҳазил эмас, потос боғлаган пичинглардан бири эди. Доимо қовоқ уюб юрувчи депутатдан ҳазил гапнинг чиқиши шимолда лола ундириш каби эди. Унинг ҳазилини ён-атрофидагиларгина тушуниши мумкин эди. Чувринди унинг қилиқларини яхши билгани учун ҳам кулиб қўя қолди.
— Маҳмудбек, кўринмай кетдингиз? — деди Орзубек жиддийлик билан.
— Юрибмиз, ака, тирикчилик.

Орзубек ундан «Ўзингиз ҳам кўринмайсиз», деган лутф кутди, бундай саволни эшитмагач, ўзи муддаога яқинлашди:
— Мен ҳам йўқламай қўйдим, — деди ҳамсуҳбатига синовчан тикилиб. — Бек акангиз «қорасини ўчирсин», деган бўлсалар керак, а?
— Йўқ, ундай эмас, биласиз-ку...
— Биламан. Ўша охирги учрашувда сизлар мени нотўғри тушундинглар. Мени амалпараст деб ўйладинглар. Маҳмуд, ақалли сиз ҳам мени тушунмадингиз-а? Ахир мен мансабпараст эмас, миллатпарастман! Мен миллатим учун жонимни тикканман. Менда миллатим учун жондан бошқа ҳеч нарса йўқ. Молим ҳам, кучим ҳам йўқ. Куч, бойлик сизларда бор. Мен сизларда ҳам миллат туйғуси, ҳуррият туйғуси уйғонса эди, деб умид қилувдим. Сизда шундай туйғунинг учқунини кўргандим. Афсус, адашибман.
— Адашмагансиз. Миллат учун биз ҳам жон беришимиз мумкин, — Чувринди шундай дейишга деди-ю, гап оҳангидаги сохталикни сезиб, ўнғайсизланди.

Депутат бу гапни эшитиб, бошини эгди. Қаҳвадан бир-икки ҳўплади.
— Маҳмудбек, одам бошқаларни алдаган тақдирда ҳам ўзини ўзи алдамаслиги керак. Мен энди тушуниб етяпман. Одамни ўттиз-қирқ ёшида Ватанни севишга ўргатиш мумкин эмас экан. Агар одамнинг ўзида зўр истак бўлса ўрганар-у, аммо бу туйғуни мукаммал дейиш мумкинмас. Ватан туйғуси она сути билан сингиши керак экан. Хафа бўлманг-у, сизларда она сути билан бошқа туйғу кирган.

Бу гап Чувриндининг ҳамиятига тегди. Ўз онасини, боласига кўкрак сутини бермаган онасини эслаб, ғазабланди. Қўлидаги пиёлани стол устига жаҳл билан «тақ» этиб қўйди-да:
— Оналаримизни тинч қўйинг, — деди зарда билан.
— Мени авф этинг, Маҳмудбек. Мен рамзий маънода гапирдим.
— Рамзий маънода ҳам гапирманг!
— Хўп-хўп, — деди депутат тобелик билан.
— Ватаннинг бошига бир иш тушса билинади, сиз аввал жон берасизми ё бошқаларми? Сизга ўхшаган гапдонларни яхши биламиз. Қўлингизга қурол бериб, «Ватанни ҳимоя қил», деса, «Ҳозир вақтим йўқ, мажлисга кириб чиқай», деб cичқоннинг инини ижарага оласиз.
— Сиз қайси Ватанни назарда тутяпсиз? Совет Иттифоқиними? Мен эса Ватан деганда фақат Ўзбекистонни тушунаман. Ўзбекистон озод бўлса бас! Унинг озодлик кунини кўрсам — армоним йўқ. Ўзбекистон озод бўлсин, мен унинг кўчаларини супуриб юрсам ҳам майли. Мен амалга интилмайман. Сизлардан илтимос қилишимнинг сабаби — ўша амал ҳозирги ишимиз учун зарур эди. Болтиқ бўйидаги давлатларда миллатпарварлар ҳукуматга киряптилар. Бизда эса ҳалиям Москвага қараб чапак чаладиганлар ўтирибди. Қараб турасиз, эрта-индин Болтиқ бўйидаги уччала давлат ажралиб чиқади. Биз ўтираверамиз аммамнинг бузоғига ўхшаб.
— Шуни тушунтириброқ айтсангиз бўларди-ку?
— Гапиртиришга қўйдими, Бек акангиз? Яна нуқул «жуҳуд хотинингиз» дейди. Қаёқдан олган бу гапни, ҳайронман. Айтиб қўйинг унга, хотиним, Худога шукр, муслима!

«Бу гаплар суяк-суягини зириллатиб юборган экан-да, — деб ўйлади Чувринди. — Хотини жуҳудми, ўзбекми ўзим ҳам билмайман. Бек акам балки бошқа биров билан адаштириб айтиб юборгандирлар».
— Орзубек ака, сиз улуғ одамсиз, — деб гап бошлади у.
— Пичинг қилманг, илтимос.
— Пичинг эмас, рост гап бу, — деди Чувринди самимий тарзда. — Сиз улуғ одамсиз. Улуғ одам майда-чуйда гапга ўралашмаслиги керак. Ўшанда бек акамнинг кайфиятлари чатоқ эди. Хотинингизни эмас, ўзингизни ҳам «жуҳуд» деб юборишлари мумкин эди. Эътибор берманг у гапларга. Биз сизни ҳурмат қиламиз. Тўғри, биз миллат учун сиздай жон куйдира олмаймиз. Лекин «миллат» дейдиганларни бошимизда кўтариб юрамиз. Биз ҳам тирик жонмиз, бизда ҳам дард бордир.

Учоққа чиқишга ижозат берилгани ҳақидаги хабар айтилганига қадар ҳам Орзубек ва Чувринди шу хилдаги гапларни гапириб ўтиришди. Учоқда ҳам бу мавзу давом этди. Орзубек «шу одамлар тушунса яхши эди», деган фикрда гапирарди. Чувринди унинг гапларини ақлан яхши тушунарди. Аммо юракдан ҳис қила олмасди. Чунки унинг қалби мол-дунё деган пардага ўралган, туйғу кўзларига тилла эритиб қуйилган эди.

2

Улар Москвада хайрлашдилар.

Москвага келган икки ўзбек икки ташвиш, икки дард билан ажралишди...

Хонгирейнинг идорасини уч соат деганда топишди. Ғилай Шомил бу ерга бир марта келган, лекин қайси кўчалардан юрганини эслай олмади.
— Кайф бор эди, — деди у ўзини оқлаб, — юзта қуйиб берсангиз, момент топаман. Мастликда келган жойни мастликда топиш керак.
— Бекор айтибсан, бир томчи ҳам ичмайсан.
— Қизил майдондан ўтгандан кейин бир жононнинг ҳайкали бор эди.

Ғилайнинг бу гапи Чувриндига кулгили бир синемани эслатиб, ичида кулди-да:
— Чайковскийми? — деб сўради.
— Фамилияси эсда йўқ, — деди Ғилай.

Чувринди бу гапни эшитиб баралла кулиб юборди. Сўнг Ғилайдан иш чиқмаслигини англаб, танишларига қўнғироқ қилиб аниқлаштирди.

Хонгирейнинг қароргоҳи кўп қаватли уйнинг учинчи қаватига жойлашган эди. Эшик тепасидаги телекамерани кўриб Чувринди ўзича «Зўр-ку!» деб қўйди. Қўнғироқ тугмасини босиши билан эшик ўз-ўзидан очилди. Чувринди шундагина эшикда тутқич йўқлигига аҳамият берди. Эшик очилиши билан тўрда ўтирган милитсия зобити кийимидаги барваста йигитга кўзлари тушиб, жойларида қотдилар.
— Киравер, земляк, қўрқма, — деди зобит кавказча шева билан.

Улар остона ҳатлашлари билан эшик ёпилди. Ён хонадан бир йигит чиқиб уларни ичкарига бошлади. Яна уч хонани оралаб ўтишгач, Хонгирейга рўпара бўлдилар.
— Кел, ўзбек қардошим, кел, менинг азиз қўноғим бўл, қалбинг ҳузурли ўлсун, — деди у ўрнидан туриб.

Чувриндининг назарида Хонгирей сохта лутф кўргазаётганди. Чунки Хонгирейни дастлаб кўрганида у буткул ўзгача важоҳатда эди. Меҳмонхонада, Асадбек ҳузурида у кавказликларга хос қўпол, такаббур бир одамни кўрган эди. Чувринди Хонгирейга баҳо беришда янглишди. Чунки аввал кўрганида Хонгирей меҳмон, ҳозир эса мезбон мартабасида эди. Бу идора Хонгирейнинг уйидай гап. Чеченлар эса уйларига келган ҳар қандай меҳмонни иззат қиладилар, унга лутф кўрсатадилар.

Улар ўтиришгач, қалдирғоч мўйловли хушсурат йигит чой келтирди. Бир-икки ҳўплам чой ичганларидан сўнг Хонгирей тилга кирди:
— Хўш, Асад қардошим нечукдир? Аввал кўрганимда хаста эди. Соғ-омонми?

Хонгирей «хаста эди», деган сўзларга урғу бериб, аҳволдан хабардор эканига ишора қилди.
— Сизга салом дедилар, яхшилар, — деди Чувринди.
— Соғ бўлсин, қардошим. Хўш, мени нима учун қидирдиларинг?
— Қидирганимизнинг боиси... — Чувринди унинг ўткир нигоҳларига дош беролмай кўзларини пастга қадаб олди. — Бир одамингиз Ҳосилни излаб борган экан. Билганларимизни ўзингизга айтгани атайин келдик.
— Нима, менинг одамимга ишонмадиларингми? — деди Хонгирей бир оз дағал оҳангда.
— Ишонишга ишонамиз. Лекин бўлган воқеани ўзингиз эшитсангиз яхши бўлади. Воситачига айтилган гапларга ё битта сўз қўшилиши ёки тушиб қолиши мумкин.
— У воситачи эмас, у — вакил! — деди Хонгирей.
— Ҳа, албатта, сизнинг вакилингиз, — деб хатосини тузатди Чувринди.
— Қани айт-чи, Асаднинг воситачиси, нима бўлди?
— Ҳосилни номаълум одамлар ўғирлашган.
— Ўғирлашган? — ажабланди Хонгирей. — Шундай одамни ўғирлаш мумкин эканми?
— Мана бу киши — Ҳосилнинг энг яқин одами. Улар шаҳарда кетишаётганда иккита машина сиқиб тўхтатган. Одамлар Ҳосилни тушириб олиб кетишган.
— Тушунарли, демак, номаълум одамлар. Ҳосил лапашанг эса қаршилик ҳам кўрсата олмаган.
— Улар гувоҳнома кўрсатишибди.
— Қанақа гувоҳнома? — Хонгирей шундай деб Ғилайга ўқрайиб қаради.
— «КГБ»ники, — деди Ғилай.
— «Қайси «КГБ?» — деди Хонгирей ундан нигоҳини узмай.
— Қайсилигини билмайман. «КГБ» деганини эшитдим.
— Фамилиясини-чи, эшитмадингми? «Андропов» эмас эканми? — деб кесатди Хонгирей.

Бу пичингни фаҳмлаш учун Ғилайда фаросат етмас эди. Шу сабабли фамилияни эсламоқчи бўлгандай гўё ўйланди-да:
— Фамилияси эсимда йўқ, — деди айбдор одам овозида.
— Сен яқин одами эмассан! — деди Хонгирей кескин оҳангда.
— Худо урсин, болалигидан ёнидаман. Бир марта келганман бу ерга. Сизга тилла ҳайкалча олиб келганмиз. Мен кўчада эдим, сизни кўрмаганман.
— Бекор айтибсан, ғилай! Менга ҳеч ким тилла ҳайкалча олиб келмаган. Сен Ҳосилнинг одами эмассан, сен қўшмачисан.
— Нега ишонмайсиз? — деди зорланиб Ғилай. Унинг кўнгли иш ёмонлик томон бурилаётганини сезиб, ғашланди.
— Иккита сабаби бор: биринчиси — аҳмоқ одам Ҳосилнинг яқин одами бўлолмайди; иккинчиси — сен уни ҳимоя қилмагансан!

Шу ерда Хонгирей янглишди. Ҳосил атрофига кўпроқ аҳмоқларни тўплаганди. Ўзига бино қўйгани учун ҳам «Менга ақл сўқадиганлар керак эмас», дерди.
— Имконият бўлмади, — деди Ғилай кўзларини пирпиратиб.

Ғилай Шомил бирор кимсани сиқувга олганида унинг кўзларини пирпиратиб, ялинишини хушларди. Кўзларнинг пирпираши, ёшланиши баъзан самара берар, баъзан эса пирпираб-пирпираб чарчаб, мангуга беркиларди. Ана шундай одамнинг кўзлари ҳозир ўзи сезмаган ҳолда пирпирарди... Қаршисидаги одамники эса аксинча, қувват манбаидан узиб қўйилган робот сингари қотган, ҳатто киприк ҳам қоқмас эди.
— Хўжайинни сақлаб қолиш учун имконни сенга ким бериши керак эди. Тур ўрнингдан, чой ичишдан аввал афт-башарани ювиш керак.

Ғилай «нима қилдик?» дегандай Чувриндига қаради. Ундан «Тур, деганидан кейин тур», деган ишора бўлгач, амрга бўйсинди.

Дам ўтмай нариги хонада нимадир тарақлади, сўнг кимдир ихранди, кейин кимдир гурсиллаб йиқилди.

Хонгирей индамай ўтирди. Чувринди эса нима воқеа юз берганини тахминан чамалаб, сабр билан кутди. Нариги хонадагилар тинчигач, чой келтирган йигит кўринди-да:
— Ваннахонада оёғи сирғаниб йиқилиб тушди. Ҳаммаси жойида, ювиняпти, — деб хўжайинига ахборот берди.
— Ҳа, — деди Хонгирей Чувриндига синовчан тикилиб. — Бизнинг ваннахоналар сирғанчиқ. Билиб оёқ ташламасанг, майиб бўлишинг ҳеч гапмас.

Хонгирей маъноли оҳангда шундай деб жим бўлди. Аммо нигоҳини Чувриндидан узмади. Чувринди ўзини йўқотмади. Нигоҳини яширишга уринмади.
— Демак, Ҳосилни ўғирлашдими? — деди ниҳоят Хонгирей.
— Ҳа, ўғирлашибди.
— Хўп, мен бунга ишондим, дейлик. Хўп, сенлар мени аҳмоқ қилдиларинг ҳам дейлик. Хўш, сенлар бундан нимани ютасанлар?
— Биз сизни аҳмоқ қилмоқчи эмасмиз. Ҳосилнинг йўқолишидан бизга манфаат ҳам йўқ. Унинг мол-мулкига кўз тиккан эмасмиз. Биз ўз-ўзимизча ишлар эдик. Бир-биримизга сира ҳалақит бермаганмиз, аксинча, кўмаклашардик. Ҳосил Бек акамнинг шогирдларидан ҳисобланарди.
— Ҳа... яхши — шогирд, яхши — устоз, — деб Хонгирей столни чертиб қўйди. — Билиб қўй: сенлар битта хато қилдиларинг: бу ерга келмасликларинг керак эди. Сенлар мени ишонтирмоқчи бўляпсанларми? Ўқ илон ақлини йўқотиб қўйибди. Ё сен лақмалар уни йўлдан уряпсанларми? Мен унинг касалини биламан. Лекин ўлгунича нима қилмоқчи? Мақсади нима? Айт, сендан сўраяпман?
— Билмайман, — деди Чувринди.
— Сен... билмайсанми?
— Кейинги пайтда, касалларини билиб, ғалати бўлиб қолганлар. Мақсадлари аниқ эмас.
— Ҳосилни ўлдирмадими?
— Йўқ. Нега Бек акамдан гумонсираяпсиз?
— Мен гумонсирамайман... Мен ҳар бир нарсани аниқ биламан. Агар лақма бўлсам, ўриснинг пойтахтида ҳукм сурмас эдим. Мен сенларда нималар бўлиб турганини билиб тураман. Мен Кремлдан ҳам сезгирроқман, каллангга тугиб ол. Сен Асаднинг мақсадидан бехабар экансан. Бунга, мен лақма, ишондим. Шуни ҳисобига энди айт: Козлов қаерда?
— Козлов? — Чувринди елкасини қисди. — Биз уни Красноярда кўрган эдик. Шундан бери дараги йўқ.
— Қизиқ... «дараги йўқ», дегин? Дараги йўқ одамга вагонда мусаллас юбордиларингми?
— Юбордик, — деб тан олди Чувринди.
— Мен, алоқа қилмаларинг, деб огоҳлантирсам ҳам юбордиларингми?
— Шартнома аввалроқ бўлган эди.
— Ўша шартномангга, — Хонгирей бу ёғига чеченчалаб нимадир деди. Чувринди унинг нимани назарда тутганини ўзича тахмин қилди.
— Хўш, — деб давом этди Хонгирей русчалаб. — Шунча молни юборишга юбориб қўйиб, унинг тақдири билан қизиқмадиларингми?
— Қизиқяпмиз.
— Хўш?
— Мол қўлга тушган. Мол юборганларни Москва прокуратурасидан одамлар бориб қамашган.
— Билганинг шуми?
— Ҳа.
— Унда каллангга михлаб ол, Асадга ҳам бориб айт: бу менинг ишим эди. Прокуратурадан борганлар менга тегишли одамлар. Агар истасам авра-астарларингни ағдариб ташлайман. Агар истасам, ҳамманг Бутиркада[3] чирийсан, агар марҳамат қилсам, уларни эртагаёқ чақиртириб оламан. Хўш, қайси бири маъқул?
— Сизга марҳаматли бўлиш ярашади, — деди Чувринди жилмайиб.
— Айёр экансан. Сен айт: ўзингга қайси бири маъқул?
— Учинчиси. Ҳамма ишнинг тинч йўл билан ҳал бўлгани дуруст. Чунки биз, ҳаммамиз бир оламнинг одамларимиз.
— Ҳа... чиройли гапирдинг. Аммо сен «Биз ҳаммамиз жиноят оламининг одамларимиз», деб назарда тутдинг, шундай эмасми? Ахир ҳамма бизни жиноятчи деб ҳисоблайди-ку?
— Умуман олганда шунга яқинроқ, — деб тан олди Чувринди.
— Сенларнинг калтабинликларинг ҳам шунда. «Биз бир дунёнинг одамларимиз» — қайси маънода, биласанми?
— Сиз айтинг.
— Биз ҳаммамиз мусулмонмиз. Бир қавмданмиз. Биз бир ота-онанинг фарзандларимиз. Анови қизил девор ортидагиларнинг ота-боболари бизларнинг юртларимизни оёқости қилишди, мозорларимизни булғашди, қизларимизни бадном қилишди. Яна юз йил, яна минг йил, яна қиёматга қадар шундай қилишмоқчи. Агар менинг боболарим жаннатда бўлишса мен уларнинг кўзларига кўринишдан уялиб, дўзахга қочаман. Мен ўч олмасдан яшай олмайман. Биз кичкина халқмиз. Буларни бутунлай енга олмаймиз. Лекин биз уларни титраб, қўрқувда яшашга мажбур қиламиз. Бизларнинг юртимизни босиб олгани учун улар боболарини лаънатлаб ўтишлари керак! Мен агар истасам, эртага Кремлини портлатиб юборишим мумкин. Лекин бундан менга нима фойда? Муҳими— уларга сўзимни ўтказа олиш! Мен бунга аста-секин эришяпман. Бунинг учун менга куч керак. Бунинг учун сен айтган оламнинг бирлашуви керак. Ҳосил шунинг тарафдори эди. Лекин сенинг хўжайининг — эшшакдай қайсар, буни истамайди. У аҳмоқ қизил девор ичидагиларга қуллуқ қилади. Мен эсам улар устидан ҳоким бўламан, қараб турасан ҳали. Ҳосилни сенлар йўқ қилдиларинг. Лекин мен сенларга қарши уруш очмайман. Чунки сенлар ўзбек қондошларимсан. Биласанми, мен нима учун ўзбекни яхши кўраман. Чунки ўзбекни устозим яхши кўрарди. Биласанми, устозим ким — Академик!— Хонгирей шундай деб кўрсаткич бармоғини фахр билан ҳаволатди. — Эшитганмисан?
— Кўрганман.
— Қаерда?
— Бек акамникида. «Фарғонада бир ғалва бошланадиган, аралашинглар», деб келган экан.
— Ҳа, у шунақа эди. Бурнини сиёсатга тиққан эди, ўлди. Уни мен ҳам асраб қололмадим. Уч ҳарф[4] мендан кучлилик қилди. Сен ажабланма, «Кремлни портлатишни ўйлаган одам устозини қутқариб қололмадими?» дема. Кремл — бугуннинг иши эмас. Бир кунмас бир кун портлайди. Менинг қўлимдан келмаса, ўғлим, бўлмаса неварам қилади бу ишни.

Хонгирей шундай деб совуб қолган чойдан бир ҳўплади. Тин олди. Сўнг гапини давом эттирди:
— Бир пайтлар ўзбеклар чеченларга жой берган, нон берган. Зелихон айтган: кафанлигини ҳам берган экан. Шунинг ҳурматига сенларга қарши уруш очмайман. Мен катта ишларга қўл ураётганимда ёнимда ишончли ҳамроҳлар бўлишини истайман. Билиб қўй: сенлар тўдакашликларинг билан менга ҳамроҳликка ярамайсанлар. Бу аҳволда сенлар бир-бирларингни қўлламайсан, шунинг учун йигитларинг ҳам бир-бирларига елка тутмайди. Ҳеч бўлмаганда бир-бирларингни ҳурмат қилишни билмайсанлар, керак бўлса, бўридай ғажийсанлар. Шунинг учун ҳам катта куч бўла олишларингга қарамай, майда кучлар олдида эгилиб кун кўрасанлар. Яна шуни билиб қўйки, аҳил яшамас экансанлар, бир киссавурдай, бир майда боққолдай хор бўлиб юраверасанлар.

Хонгирей Чувринди учун кутилмаган гапларни сўзларди. Ҳозир у бутун мамлакатдаги тўдаларга ҳукмини ўтказишни истайдиган амирга эмас, балки талабаларга маъруза қилаётган фалсафа муаллимига ўхшарди. Чувриндининг назарида Хонгирей ўз фикрларини баён қилмас, балки кимдир ёзиб берган гапларни айтарди. Шу сабабли унинг айтганлари ғайритабиий туюлиб, ўрнида бир қимирлаб олди.
— Нимага безовталанаяпсан? — Хонгирей шундай деб сўради-да, ўрнидан туриб керишди. — Шеригингни соғиняпсанми?
— Ҳа, ювиниши чўзилиб кетди.
— Ювинишими?.. Ҳали узоқ чўзилади. Аниқроғи, қиёматгача.
— Ҳозир шартмиди? — деди Чувринди норози оҳангда.
— Ҳозирми? Мутлақо шарт эмас. Уни ўлдиришди деб ўйлаяпсанми? Калланг борми, ўзи? Идорада, уйда одам ўлдирадими? Эшитдинг-ку, йиқилиб тушибди. У энди дам олсин. Сен ҳам Москвада уч-тўрт кун ўйна. Қачон кетишингни ўзим айтаман.
— Шомилга раҳм қилинг. У хўжайинига содиқ эди.
— Бекор айтибсан! Содиқ бўлса хўжайинини олдириб юрмайди. Аҳмоқ бўлмаса, менинг олдимга гувоҳликка келадими? Сен глобусни кўрганмисан?

Мавзунинг бу қадар ўзгариши боисига тушунмаган Чувринди ажабланганини яширмай:
— Ҳа, — деди.
— Глобус бир томонга оғиб турибди, а? Нимага, биласанми? Ер юзида аҳмоқлар кўпайиб кетган. Ерни тўғрилаш учун аҳмоқларни камайтириш керак. Ҳеч бўлмаса биттасини камайтириб турайлик. Унинг тирик қолганидан сенга нима фойда? Ҳосилга ҳиёнат қилган сенга ярармиди? Унинг масаласи ҳал. Сен қайтишда бир ўзинг учасан. Кетгунингча бировга, айниқса, Асадга телефон қилма. Биз сенга меҳмонхонадан жой ҳозирлаб қўйганмиз. Ҳамма нарса тайёр. Ҳаттоки энг зўр жонон ҳам. Кўчага чиқмай, маишат қилаверасан. Чиқими — биздан.

Чувринди ҳуқуқшунослар тили билан айтилганда «Уй ҳибсхонаси»га ҳукм қилинганини англади. Хонгирейнинг бундан қандай мақсадни кўзлаганини эса билолмай гарангсиди.
— Менга бошқа гапинг йўқми? — деди Хонгирей унинг ўйланганини кўриб.
— Бор, — деди Чувринди, хаёлини жамлаб. — Бир илтимосим бор.
— Айт.
— Жамшид деган йигит бор...
— Ҳа, айтмоқчи, Асаднинг куёвини отиб кетишибдими? — деди Хонгирей унинг гапига эътибор ҳам қилмай.
— Шунақа бўлди.
— Кимлигини билмассан?
— Билмайман.
— Қизи наркоманка эмишми?
— Шунақа эди, бошланишида сезиб қолдик. Даволаняпти.
— Ҳосил менга бир қизиқ видеокассета бериб юборган экан, вақти келса сенга кўрсатаман. Ҳа, Асад нима учун Жамшидни ўлдирмоқчи эди?
— Буни ҳеч ким билмайди. Ҳатто Жамшиднинг ўзи ҳам билмайди. Жамшид ўғлидек қадрдон эди Бек акамга.

Чувринди яна ёлғон сўзлади. Унга тахминан бўлса-да, маълум эди. Фақат тахминини бу одамга айтишни истамади. Сир — кўп ҳолларда сирлигича қолгани маъқул. Чувриндининг ақидаси шундай эди.

Чувринди Москвада беш кун қолиб кетди. Бошқача айтганда, беш кун «меҳмонхона қамоғида» бўлди. Хонгирей ваъдасининг устида турди — шароит олий мақомда яратилди. Ҳар куни чойшаб, ёстиқлар, соқчилар алмаштирилгани каби, жононлар ҳам ўзгариб турди. Бир томондан Чувриндининг кўнглига маишат сиғмагани, иккинчи томондан бирон маразни юқтириб кетишдан чўчиб, уларга яқинлашмади. Умид билан келган фоҳишалар диванда ёлғиз ётиб тонг оттирдилар. Чувринди узатган пулни олмай, лабларини буриб «Ҳе, эркак бўлмай ўл», дегандай чиқиб кетдилар.

Ғилайнинг тақдири Чувриндига пича аён бўлса-да, ўзиники қоронғи эди. Хонгирей уни Бутиркада чиритмас-у, аммо ўрис қабристонидаги чириб ётган бирорта мурда ёнига жойлаб қўйиши мумкин. Лекин у нимани кутяпти? Чувриндига шу томони қоронғи эди.

Ҳолбуки, унинг нимани кутаётганини билиш қийин эмас — у вакилининг қайтишини кутарди. Шунинг қаторида прокуратурадан борганларнинг иши натижаси ҳам уни қизиқтираётган эди. Арина Бергернинг ҳамма ёқни остин-устин қилиб юборганини эшитиб мамнун бўлди. СССР прокуратурасида сўзи ўтадиган «кўп ҳурматли ўртоқ»қа телефон қилиб, Бергерни ҳозирча чақириб туришни, Козлов топилгач, ишни қайта бошлашни илтимос қилди.

Хонгирей «Мен гумон қилмайман, ишонаман», деганида катта кетмаган эди. Унинг кўнгли ҳар нима балоларни сезиб турарди. Шундай бўлса ҳам гумонини тасдиқ этиш учун ҳар бир нарсани обдон текширтиради. У Ҳосилнинг йўқолганини эшитибоқ, биринчи Асадбекдан гумонсиради. Ҳосилнинг Асадбекни қармоққа илинтиргани ҳақидаги гапларини эслади. Хонгирей видеокассетани томоша қилгач, Ҳосилга «Уни ҳозирча Асадга кўрсатма», деб тайинлаган эди. «У аҳмоқ кўрсатган. Буни кўрган қайси ота тинч юради. Агар Асад тинч юрса, у — ҳезалак!» — деб ўйлади.

Вакили қайтиб, унинг гумони асосан тасдиқлангач, Чувринди қўнган меҳмонхонага борди. Хонгирей вакили билан кириб келгандан кейингина Чувринди унинг кимни кутганини англади.

Хонгирей Чувринди томонидан лутф кутмай диванга ўтириб, оёқларини чалиштирди-да, айёрона кўз қисиб, кулимсиради:
— Устингдан «СК КПСС»га шикоят тушибди, «партия»дан ўчириласан энди.
— Гуноҳим нима экан? — деди Чувринди унинг яхши кайфиятига монанд жилмайиб.
— «Совет фоҳишалари»ни назарга илмабсан. Сен улардан иргангансан. Шу ишинг билан мени ранжитдинг. Хонгирей сен ўйлагандай паст эмас, билиб қўй. Улар фоҳиша бўлгани билан «екологик тоза» эди.

Хонгирейнинг оҳангида зарда бўлмагани учун, Чувринди ҳам асабийлашмай, тавозе билан жавоб қилди:
— Улар учун алоҳида келаман. Айниқса учинчи бўлиб келганини совға қилсангиз олиб кетардим.
— Э, йўқ, қардош, энди тушингни сувга айт. Уни «юқори»даги ўзимнинг одамларимга ҳам бермаганман. Шу номардлигинг учун менга йигирма бешта ўн беш ёшли бузилмаганни берасан.
— Йигирма беш донами ёки йигирма беш минг донами?
— Сен ҳазиллашма, бу бўйнингдаги қарз, унутма! Хўп, менинг валақлашишга вақтим йўқ. Ишга ўтайлик. Вакилимнинг ҳисоботини эшитасанми?

Чувринди муғомбирона жилмайиб турган «вакил»га қараб олди-да:
— Йўқ, — деди.
— Нега? — деди Хонгирей ажабланиб.
— Мен сизга тўғрисини айтганман.
— Демак, ёлғон гапларингдан тонмайсан?
— Ёлғон гапим йўқ.
— Унда мана буни эшит.

Хонгирей ишора қилган эди, вакил кафтдек диктофонни чиқариб, тугмани босди. Ғилай Шомилнинг сўроқларга берган жавобларини, калтак зарбларини Чувринди индамай ўтириб эшитди. У энди Ғилайнинг иқрорини эмас, яна ўз тақдирини ўйларди.

Ёзув тугагач, вакил Хонгирейнинг ишораси билан чиқиб кетди.
— Ғилайинг ёлғон гапиряптими? — деди Хонгирей унга синовчан тикилиб.

Чувринди елкасини қисиб, хотиржам жавоб берди:
— Ўзингиз тунов куни айтдингиз: у хўжайинига хиёнат қилган. Нима учун? Ўзининг жони ўзига ширин кўринган. Шундай одам жони қийналганда нималарни валдирамайди.
— Дуруст, ақлинг жойида, қардошим.

Хонгирей шундай деб жилмайиб қўйди. «Кайфияти яхши шекилли, жаҳли чиқмаяпти, ё бошқа гап борми?» деб ўйлади Чувринди. Шунча текшириб, ҳамма ҳақиқатнинг тагига етган одамдан марҳамат кутиш — фоҳишадан ҳаё кутиш ила баробар бўлса-да, Чувринди унинг марҳаматига асос бўлгувчи бир нима борлигини ҳис қилиб турар эди. Осмонни булут қоплашидан мурод — ёғин ёғмоғи бўлгани каби Хонгирейнинг чеҳрасида марҳамат нури кўринганидан мурод не экани бир неча нафаслик сукутдан сўнг аниқ бўлди.
— Докторлар Асадга неча ой умр ваъда қилишди?

Хонгирейнинг бу саволи Чувринди учун кутилмаган бўлди. Шу сабабли қошларини бир оз чимирган ҳолда жавоб қилди:
— Буни Худо билади.
— Бунақа касални доктор ҳам билади. Ахир у ўлади-ку, тўғрими?
— Ҳаммамиз ўламиз.
— Лекин уники — нақдроқ. Биз э-ҳе, яшайвериб, зерикиб кетсак ҳам керак.

Хонгирей худди тақдир ёзуғини ўқий олган одамдай катта гапирди. Тўғри, унинг ёшида ўлим ҳақлиги кам ўйланади. Аммо шу ёшда, ҳатто ундан камроқ умр кўриб ўтганлар мавжудлиги эса хаёлга келмайди. Чувринди «Ҳаммамиз ўламиз», деганида яқин бир-икки ойни ёки йилни эмас, ақл бовар қилмас узоқ даврни назарда тутган эди. Шундай бўлса-да, Хонгирейнинг катта кетиши ғашини келтирди.
— Хўп, масалага бошқа томондан қарайлик, — деди Хонгирей мўйлабини олифтанамо силаб қўйиб. — Ҳосил кетди, орада йўқ. Унинг мулки ҳам сенларнинг қўлларингда. Ҳозир Асад бор. У ўлганидан кейин нима қилмоқчисанлар? Билишимча, Асаднинг иккита қаноти бор экан. Биттаси сен, иккинчиси... — Хонгирей исмини эсламоқчи бўлиб ўйланди. — Ҳа, Гайдармиди?
— Ҳайдар ака, — деб тузатди Чувринди.
— Хўш, мулкни қандай бўлишасанлар?
— Бизда одам тириклигида мулки бўлинмайди.
— Сен чиройли гапларингни йиғиштир. Мен сенларни биламан. «Менга ўлжа керакмас», деб ноз қилиб турасанлар-у, пайт келганда ташланасанлар. Ўғил бола гапни айт: Асаднинг ўрнини эгаллашни хоҳламайсанми?
— Мендан ёши катталар бор.
— Шундай дейсан-у, юрагингнинг бир чеккасида озгина бўлса ҳам истак чўғи бор. Билиб қўй: бу чўғ сени тинч қўймайди. Барибир ёндиради. Бу — биринчидан. Иккинчидан: ёши катта бўлишнинг нима нафи бор? Мен учун катта ёшдаги аҳмоқдан, кичикроқ ёшдаги ақлли одам муҳим. Гап шу: Асаднинг ўрнини сен эгаллашинг керак.
— Буни мен ҳал қилмайман.
— Тўғри айтдинг, буни сен эмас, мен ҳал қиламан!

Бу ҳукм Чувриндига малол келди. Қоши учди. Ўрнидан бир қўзғолиб олди, сўнг оғир турди. Унинг важоҳатидаги ўзгаришни сезган Хонгирей «Маматбей!» деб чақирди. Шу нафаснинг ўзидаёқ эшик очилиб, вакил кириб келди. Даҳлизда яна икки йигит кўринди. Хонгирей унга:
— Чой олиб келмайсанми? — деб бақирди-да, Чувриндига синовчан қараб олди. — Қардошим, ё виски ичасанми?
— Ҳеч нарса ичмайман, — деди Чувринди норози кайфиятини яширмай. Шу онда у Орзубекнинг ҳурлик ҳақидаги гапларини эслади. «У хомхаёлми ё мен аҳмоқманми, — деб ўйлади. — СССРнинг чангалидан юлқиниб чиқмоқчи. СССР дегани фақат КПСС дегани эмаслигини, мана бунақа хўжайинлар ҳам борлигини биладими? Биз биргина Ҳосилни йўқотдик. Ҳосилга ўхшаганлар юз мингми ёки миллионми? Депутат шуларни биладими? КПСС дегани-ку, чирий-чирий деб турибди. Лекин мана бу кучайяпти. У нима қилмоқчи. «СССРдан ажралиб чиқсаларинг ҳам сенлар менга бўйсунасанлар» демоқчими? Масковга одам сифатида келиб, қўғирчоққа айланиб қайтаманми? Бек ака... кўп янглиш ишлар қиляптилар. Бу ерга келиш керакмас эди...»
— Ҳа, қардош, гапим ёқмади, шекилли? — деди Хонгирей ҳам ўрнидан туриб.
— Гапингиз эмас, мақсадингиз ёқмай турибди.
— Нега? Ўзинг бош бўлсанг ёмонми?
— Буни назарда тутаётганим йўқ. Агар тўғри тушунган бўлсам, сиз бизни қулга айлантирмоқчисиз.
— Э, қардош, мен бундай деганим йўқ.
— Лекин шунинг иси келиб турибди. Сиз бугун менинг бош бўлишимни истадингиз. Эртага бошқасини хоҳлайсиз. Биз у томонда қўғирчоқлармиз, ўйнатадиган иплар эса бу ерда, сизнинг қўлингизда. Қўғирчоқми, қулми — нима фарқи бор?
— Ў, қардош, сен файласуф экансан. Қўй, бу гапларингни.
— Бу фалсафа эмас, бу ҳақиқат! — деди Чувринди ҳақоратланган одамнинг овозида. — Аввалги куни, идорангизда бизни анча масалаларда айбладингиз. Меҳмонингиз эдим, чидаб эшитдим. Бизни ўзбек (!) дейдилар. Майли, қайсиларимиз ноаҳилдирмиз, бошқадирмиз, лекин ўзбекмиз, «ўз»имизга «бек»миз. Қулликни ҳазм қила олмаймиз.
— Қардошим, сен хафа бўлма, ўша куни мен сени ҳақорат қилганим йўқ. Камчиликларингни айтдим.
— Агар мен чеченларнинг камчилигини айтсам, сизга ёқадими?
— Қани, айт-чи?
— Ёқмайди, — деди Чувринди фикрини давом эттириб. — Ҳеч кимга ёқмайди. Мен ўзбекман, шу билан ғурурланаман. Ўзбекларни барча каму кўстлари билан яхши кўраман. Жон бериш лозим бўлса, фақат ўзбек учун жон бераман. Ўзбек бўлиб туғилдим, ўзбек бўлиб ўламан. Қулликдан ҳазар қилувчи халқнинг фарзанди сиз айтган шартга кўнолмайди.
— Чиройли гапирдинг, ўзбек қардош, лекин сенлар халта кўчага қамалгансанлар. Олдиларингда ҳам, орқаларингда ҳам йўл йўқ. Ҳосилни ўлдириб катта хато қилдиларинг. Ҳосилга отган ўқларинг ўзларингга қайтиши керак. Ҳосил ўлган куни сенлар ҳам ўлгансанлар. Лекин мен сенларга уруш очмайман. Сенларни ўлдирмайман. Сабабини айтганман, эсингда, а?
— Эсимда, — деди Чувринди эътиборсизлик билан.
— Сенга Жамшидни бераман. Маматбейни бераман. Улар сенга икки қанот. Гайдарни ўзингдан четлат, аммо узоқлаштирма. Ҳар бир ҳаракати кўзостингда бўлсин. У бир киссавур. Катта ишлардан узоқда турсин.
— У — менинг устозим.
— Бу энди ўтмиш. Менинг гапим тамом. Бугун бир қанотингни олиб юртингга уч. Ҳа, айтмоқчи, Козловнинг оиласи сенларникига паноҳ излаб кетибди.Яхши, паноҳингга олавер. Уларнинг қаердалигини фақат ўзинг бил. Асад ҳам, Гайдар ҳам билмасин. Козловнинг оиласи учун бошинг билан жавоб берасан. Козловни қўлга олганимиздан кейин уларни нима қилсанг қил, ихтиёр ўзингда. Тушуняпсанми, ихтиёр ўзингда. Сен — қул эмассан, қардошим!

Хонгирей шундай деб ён чўнтагидан учоқ паттасини чиқарди-да, стол устига ташлади.
— Бугун кечаси учасан, — деб хайрлашгач, чиқиб кетди.

Чувринди уйга қайтгунича ҳам бўлиб ўтган суҳбатлар мағзини чақишга ҳаракат қилиб, «Қаноти бор ҳар қандай махлуқ ҳам эркин ҳамда баланд парвоз қила олмайди», деган ҳақиқатга ишонди.

II- qism
 



  1. Мазмуни будир: «Тиллари асалдан ҳам ширин, қалблари эса бўриларнинг қалбидир».
  2. Мазмун будир: Агар қузғун қавмнинг йўлбошловчиси бўлса, Тезда уларни ўлаксазорга олиб боради.
  3. Москвадаги қамоқхона.
  4. Собиқ КГБ назарда тутиляпти.