OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

5 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифТоҳир Малик
Асар номиШайтанат (III- китоб, III- қисм)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Криминал беллетристика
Муаллифлар
   - Тоҳир Малик
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Китоблар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм409KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/12/03
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Шайтанат (III- китоб, III- қисм)
Тоҳир Малик

XIV боб

1

Офтобсиз рангпар кун. Умрини яшаб қўйган япроқларга хазон нуқси урган.

Асадбек Чувринди кетганидан бери уйдан чиққиси келмайди. Кесакполвон ҳам шу ерда. Ошнасининг кундан-кун сўлиб бораётганини кўриб эзилади. Аммо ошнаси сўлиб тамом бўлганидан сўнг эгаллайдиган тахти кўз олдига келганда эса юраги шошади.

Касаллик хусусида сўз очишга бир неча марта оғиз жуфтлади. Аммо Жалилнинг «Сен индама, ўзим гаплашаман», деган амрига амал қилди. Жалил эса икки марта келиб, бошқа гапларни валдираб-валдираб кетаверди. Кесакполвон нигоҳи билан имлаб «айтинг», деб ишора қилса ҳам асосий гапдан бўйин товлайверди. Кесакполвон Жалилнинг аҳволини тушунмади. «Касалингни мендан нима учун яширдинг?» дейиш Жалилга қийин эмас. Шу баҳонада ғижиллашиб олиш ҳам уни ташвишга солмайди. Унинг ташвиши бошқа — Асадбекнинг қайсарлиги тутса, «Табибингни пишириб е!» деб туриб олиши мумкин. Жалил қишлоққа бориб келгунича ҳам, кейинги кунлар ҳам ўша баджаҳл табиб ҳақида сўраб-суриштирди. Кимки уни билса ёки у ҳақда эшитган бўлса бир хил жавоб беради: бу дунёда ўлим-нинг иложини қила оладиган табиб бўлса, фақат ўша. Лекин... ҳаммани ҳам боқавермайди...

Кесакполвон нонуштага янги хабар билан келди.
— Прокурор болани чиқаришибди. Иш тўхтайдиганга ўхшайди, деган гап бор. Шариф ҳам чиқиб қолар балки, — деди Кесакполвон косадаги қаймоққа нон ушатиб.
— Ишни нега тўхтатар экан? Важоҳати ёмон, девдиларинг-ку?
— Важоҳатидан ит ҳам ҳуркарди. Лекин Масковдан бир хабар келибди, шекилли. Прокуратурадаги болалар аниқ билишмайди.
— Шарифга эҳтиёт бўлларинг. Чиқса, бирон ёққа дам олишга жўнат. Маҳмуддан яна дарак бўлмади, а? Бунақа одати йўқ эди. Хавотирланяпман.
— Хавотир олма. У менинг мактабимда ўқиган. Тегирмонга тушса омон чиқади.
— Аслида ўзим борсам бўларкан. Феъли ёмон у чечен занғарнинг.
— Сен шу сафар бир паст кетдинг. Зўр билан зўрчасига гаплашиш керак. Бунча қўрқасан ундан? Зўр бўлса зўрлигини кўрсатсин, юборсин зўрларини! Биз ҳам ҳезалак эмасдирмиз, эркакчасига гаплашиш қўлимиздан келар. Ё эркаклигимизнинг бошқача исботи ҳам керакми?!
— Олифтагарчилик қилма. У сенга Ҳосил эмас. Ҳосил аҳмоқ бола эмас эди. Кимга суянишни билган. Агар муроса қилмасак, кўп болалар қирилади. Мен ўзимдан қўрқмайман. Бир бошга — бир ўлим. Йигитлар бекорга увол бўлиб кетади.
— Бек, сен қиморбоз эдинг. Ё чикка, ё пукка! Дангалчилигинг қаёқда қолди. Мен-ку, майли, майда киссавурдан чиққанман.
— Дангалчиликни замон кўтармайди.
— Сен чарчагансан. Дуч келганни ит бўлиб қопяпсан. Би-ир дам олсанг яхши бўларди. Ўғилларингнинг тўйига борсанг юрагингнинг чигиллари би-ир ёзиларди. Ҳа, айтмоқчи, тўй ҳали ҳам аниқ бўлмабдими? Тезроқ бориб кела қолмайсанми?

Кесакполвон шундай деб айёрона боқди. Асадбек ундан нигоҳини олиб қочди. Гап хасталикка бориб тақалиши мумкинлигини сезиб, жавоб бермади.

Улар нонуштани бошлашга улгуришмай, болохонадаги йигитлардан бири эшикни қия очиб:
— Саматохун ака келдилар. Зарур гаплари бор экан, — деди.

Бу хабарни эшитиб, Кесакполвон безовталанди. Ҳожасига бир қараб олиб «кейинроқ келсин», демоқчи эди, Асадбек:
— Кирсин, — деб ижозат берди. Сўнгра Кесакполвондан сўради: — Тўйи қачон эди, эсдан чиқибди?
— Менинг ҳам аниқ эсимда йўқ. Бугун-эрта шекилли?
— Хаёлдан кўтарилгани чакки бўлибди. Ҳар қалай, эски қадрдонлардан.

Башанг кийинган, ўзидан фаранги атрини таратаётган Саматохун кириб, уларнинг суҳбати узилди. Саматохун деганларининг дўкони Асадбекнинг ҳомийлигида. Шаҳарнинг гавжум жойида жойлашган бу дўкон мудири йигирма йилнинг нари-берисида уларга сариқ чақалик ҳам хиёнат қилмади. Ўз ишини билиб бажаргани учун Асадбек уни ҳурмат қиларди.

Фотиҳа ўқилгач, Саматохун Кесакполвонга ғалати қараб олди. Кесакполвон ундан кўзини олиб қочиб, чой қуйиб узатди.
— Охун, тўй ҳаракатлари билан чарчамай юрибсизми? — деб сўради Асадбек меҳрибонлик билан.— Муборак бўлсинга ўтамиз, деб ўтолмадик, ранжиманг.
— Хафагарчилик йўқ, ака. Ўзингиз соғайиб қолдингизми? Бизга сизнинг соғлиғингиз керак. Сизнинг товонингизга кирадиган тикан бизнинг кўзимизга кирсин. Худо хоҳласа бугун никоҳ, борсангиз бошимиз кўкка етади.

Саматохун «Худо хоҳласа» деган сўзга бўлакча урғу бериб, яна Кесакполвонга қаради. Асадбек ундаги ўзгаришни сезиб сўради:
— Ҳа, Охун, машқингиз пастроқми? Нима гап, тинчликми?
— Худо хоҳласа, тинчлик, — деди Саматохун. — Бек ака, орада бир ташвиш чиқиб қолди: ўғлимни ўғирлаб кетишибди.
— Қайси ўғлингизни?
— Шу... уйланаётган куёв болани...
— Биронтадан гумонингиз борми?
— Гумоним-ку йўқ. Аммо...
— Чайналмай айтаверинг.
— Кеча ЗАГС эди. Бир биродаримиз «Мерседес» ваъда қилган эди. «Мерседес» ўрнига «ГАЗ-31» юборибди. «Қўлингдан келса ваъда бергин-да, эркак» дегандай қилиб, қаттиқроқ гап айтувдим. Шуни оғир олдилармикин? Ундай бўлса, тавба қилдик. «Бу аҳмоқ тилни чайнаб ташла», десалар чайнаб ташлай. Аммо ошга заҳар тушмасин. Мен ёмонман, бўйин эгиб келдим.

Бу гапларни эшитиб Асадбек Кесакполвонга қа-ради.
— Менга қарама, менинг ишим эмас бу, — деди Кесакполвон «қўрққан олдин мушт кўтарар» қабилида жеркиб.
— «Мерседес»ни тўғрилаб бермадингми?
— Ўша куни бузилиб қолган бўлса мен нима қилай? Шаҳарда «Мерседес» иккита бўлса ҳам бошқа гап эди. Ўн бешта оқ «ўттиз бир»ни юбордим. Бу акамнинг ҳамиятларига тегибди. Ўша сассиқ гапни ўзимга айтмайсизми, тирранча шўпирга айтиб нима қилардингиз?
— Тилим қурсин, мен — аҳмоқ, тавба қилдим, — деди Саматохун.
— Ўғли қаерда?
— Ие, мен қаёқдан билай? Мен «Мерседес» тўғрилаб бераман, деб ваъда қилганман, ўғли йўқолса топишнинг кафилини олмаганман.
— Бир соатнинг ичида топасан.
— Асад?!
— Бошқа гап йўқ. Охун, сиз бораверинг. Базмга ўзим бош бўламан.

Саматохун ҳар икковини дуо қила-қила чиқиб кетгач, Асадбек Кесакполвонга қаҳрини сочди:
— Ўзимизнинг одамларга ҳам шунақа қилиқ қиласанми, сўтак?
— Кимга қанақа гап айтишни ўргансин. Сен бунақаларни ўзингга яқин олиб елкангни тутсанг, булар бошингга чиқиб, бизга қараб чоптиришади. Иззатини билсин-да.
— Бир соат вақтинг бор.

Кесакполвон қаймоққа нон бўктирилган косани қўлига олди.
— Ўн минутда уйида бўлади. Менинг қорним оч. Сен бўғилаверма. Сочининг кепаги ҳам тўкилмаган боланинг.

Асадбек оғзига келганни қайтармай сўкди. Бунақанги сўкишларни эшитавериб бети чандирлашиб кетган Кесакполвон қаймоққа бўктирилган нон бурдаларини чапиллатиб еб, хўриллатиб чойини ичаверди. Асадбек сал ҳовридан тушгач:
— Бугунги қаймоқ бу дунёники бўлмабди. Олсанг-чи, эгнимга шим кийиб, ҳали бунақасини емовдим, — деди.
— Сенинг чапиллатиб чайнашингни кўрса, итнинг ҳам кўнгли айнийди. Одамга ўхшаб ейишни қачон ўрганасан?
— Одам бўлганимда, — деди Кесакполвон ишшайиб.
— Сен одам бўлмайсан.

Шу хилдаги ғазаб, киноя, масхара тошлари аралашига отилаверди, бу тошлар темир қояга тегиб уваланган кесак ҳолига тушаверди. Болохонадаги йигитлардан бири мастава келтирганда Кесакполвон косани ялаётган эди. У маставадан бир-икки қошиқ ичди-ю, ҳожасининг топшириғини бажариш учун ўрнидан турди. У чиқиб кетиши билан уй ҳувиллаб қолди. Асадбекнинг томоғидан овқат ўтмади. У яна ўзининг кирланган, бадбин хаёллари билан ёлғиз қолди. Юраги сиқилиб, «Аҳмоқ бўлса ҳам Ҳайдарнинг ўтиргани яхши эди. Жалилни топтириб келмасам бўлмайди», деган хаёлда қўнғироқ тугмасига қўл юборганида болохонадаги йигит эшикни очди.
— Муҳиддин ака деган одам сўраяпти, — деди у. — Зарур гапи бор эмиш.

Асадбек «Муҳиддин ака ким бўлди экан?» деб ўйланган дамда ҳовлида Жалилнинг овози эшитилди:
— Тўғри бостириб киравермайсизми? Сиздай одамнинг кутиб туриши уят-ку? Бу ошқовоқларда калла йўқ.
— Мени танимайди-да булар...

Овозидан таниди — Красноярдаги овлоқ ўрмонда қарор топган отасининг биродари!

Асадбек ўрнидан туриб, ташқарига йўналди. Муҳиддин отани айвонда бағрига босди. Отаси тирилиб қайтиб келгандай, қучоғидан бўшатгиси келмади. Ҳатто кўзига ёш, бўғзига йиғи келди. Йиғини изига қайтармоқ мақсадида ютинганида йўтали тутди. Шундан кейингина қарияни бағридан бўшатди. Муҳиддин ота йўталнинг хунуклигидан бош чайқаб, «Ҳали ҳам тузалмабди-да?» деган маънода Жалилга қаради. Жалил ҳам кўз қараш билан жавоб қилди: «Шунақа... ошнамнинг аҳволи оғир».

Ичкари кириб ўтиришгач, йигитлар қайта дастурхон тузашди. Асадбек хос меҳмонхонадаги ҳашам Муҳиддин ота руҳини эзиб қўйишини фаҳмлаб, у ёққа бошламади. Фотиҳадан сўнг Муҳиддин ота:
— Ота юртимга йўлим тушиб эди, сизни йўқламай кетолмадим. Поездим оқшом жилар экан, унгача дийдорингизга бир тўяй, — деб келишдан мақсадини айтди.
— Ҳали поездга патта ҳам олдингизми? — деди Жалил.
— Ҳа, энди, сафар қариди-да.
— Жалил, хабаринг борми, уч-тўрт кун поездлар юрмасмишми? Темирйўлчилар иш ташлашганмишми?
— Эшитмай бўладими? Кечадан бери Масковдан айтиб ётишибди. Поезд бир ой юрмас экан.

Ҳазил аралаш бу лутфдан мамнун бўлган меҳмон миннатдорлик билдирди.
— Сиз қайтганингиздан сўнг ошнангиз келдилар. Раҳматли дадангизнинг қабрларига мармартош қўйдирмоқчи бўлдилар. Сиз айтган экансиз. Пича пул ҳам ташлаб кетган экансиз. Бўтам, сизни инжитмоқ ниятим йўқ, аммо бу иш дуруст бўлмагани боис ижозат бермадим. Уларга тушунтирмоқ мумкин бўлмагани сабабли «Тошни ўзим қўйдираман», деб пулни олдим. Мана, — у шундай деб қўйин чўнтагидан газета қоғозига ўралган пулни олиб, узатди. — Ҳозир келаётиб қурдираётган масжидингизни кўрдим, Оллоҳ сиздан рози бўлсин. Бу пулни шу хайрли ишга ишлатинг.

Асадбек шу мақсадда пул қолдирмоқчи бўлганда Козлов «Битта тошга қурбимиз етар», деб олмаган эди. Ҳозир шуни айтиб, қариянинг қўлини қайтармоқчи ҳам бўлди. Лекин орада уни хижолат қилиб қўйиши мумкинлиги сабабли фикридан қайтди. Унинг ўйланиб қолганини кўрган Жалил чаққонлик қилиб, Муҳиддин отанинг қўлидан пул ўрамини олди.
— Жуда тўғри қилибсиз, боплабсиз! — деди у қарияга далда бериб. — Тош қўйиши нимаси? Исломда йўқ бунақаси. Мен болаларимга айтиб қўйдим. «Мабодо ўлиб қолсам тош-пош қўйиб юрмаларинг», дедим. Худди ўлик чиқиб кетмасин дегандай тош бостириб қўйишади-я! Одам тупроқдан бўлганидан кейин тупроққа қоришиб ётаверади-да, тўғрими, тақсир?

Жалилнинг «чала муллалиги» тутиб, меҳмонни гапга солди. Аёлларнинг қабристонга боришлари ҳақида ўзича баҳс ҳам юритди.
— Мана, сиз, аёллар ҳам зиёрат қилсалар бўлади, деяпсиз. Ахир «Қабристонга борган аёлларга Оллоҳнинг лаънати бўлсин» деган ҳадис бор-ку?
— Бўтам, мен Яратганнинг илми саёз бир бандасиман, — деди Муҳиддин ота вазмин оҳангда. — Шу кунларда айтилаётган қайси бир ҳадиси шариф саҳиҳ, қайси бири гумонли — менинг ожиз фикрим фарқ эта олмайди. Сиз айтган ҳадиси шарифда балки кўмиш маросимига бориш назарда тутилгандир, валлоҳи аълам? Ривоят қилишларича, араб аёллари қабристонга боргунларича ҳамма ёқларини юлиб, қонатиб ташлар эканлар. Яна Оллоҳ билади, балки шу ҳолат назарда тутилгандир. Яна бир фикр шуки, қабристонга фақат таҳорат билан кирилади. Аёллар баъзан бу ҳолда бўлмайдилар. Бўтам, яна бир ҳадиси шариф борки, унда қабристонни зиёрат қилишга даъват этилади. Мозористон қиёматни ёдга солиб туради, дейилади. Мазкур ҳадиси шарифда «фақат эркаклар борсин», дейилмайди. Менинг билганим шу, бўтам, яна уламолардан сўраб, ўрганмоқ жоиздир.

Муҳиддин ота Жалил билан суҳбатлаша туриб Асадбекка бир-икки маъноли қараб олди. Асадбек бу қарашлардан қариянинг ёлғиз ўзига айтмоқчи бўлган гапи борлигини сезди. Қарасаки, ошнасининг гаплари ҳали-бери тугамайдиган, шу сабабли сўзини шартта узди-да:
— Жалил, оғайни, отамга ўз қўлинг билан бир палов дамлаб бергин. Сенинг ошингни ҳам емаганимизга анча бўлди, — деди.

Жалил «Мен қачон ош дамлаган эдим?» деган савол назари билан Асадбекка қаради. Сўзи бекорга бўлинмагани, ташқарига чиқиб туриши лозимлигини англаб, ноилож ўрнидан турди.

Жалил чиқиб кетгач, Асадбек «Энди бемалол гапираверинг», дегандай меҳмонга қаради. Муҳиддин ота бир озгина тараддудланиб, сўнг вазминлик билан сўз бошлади:
— Бир ҳафта бўлдимикин, ошнангиз келди. Бир хавотир билан бошпана излаб келган экан. Кимлардир изларига тушибдилар экан. Кимлар эканини ўзингиз билар экансиз.

«Кимлигини биламан, Хонгирей!» деб ўйлади Асадбек.
— Унинг изига тушганлар орасида сизда аввал хизмат қилган бир ўзбек йигити ҳам бор экан.
— Ким экан? — деб ажабланди Асадбек.
— Исмини айтмадилар. — Меҳмон Асадбекнинг ўйга толганини кўриб, сукут сақлади.

«Ким бўлиши мумкин? Балки... Ҳосилнинг одамларидандир?..» Асадбек Жамшиднинг тириклигини, Козлов изидан тушган чечен йигитлар қаторида юрган бўлиши мумкинлигини хаёлига ҳам келтирмади.
— Мен уни сиз кўрган кулбамда қолдириб келдим. Ўн беш кунлик озиқ-овқатини ғамладим.
— Яхши қилибсиз, раҳмат сизга.
— Хотини билан қизчасини Кемерово орқали бу ёққа олиб келдим. Ўзи келишга унамади. Бу ёқларда қўлга тушса, сизга ёмон бўлар экан. Хотини билан қизчасини Марғилондаги бир ошнамникига қўйиб келдим. Эрта-индин уларни атдан олиш керак.
— Оламиз, — деди Асадбек ўйчан, — шу бугуноқ ишончли жойга етказамиз.
— Бўтам, сизга айтмоқчи бўлган омонат гапим шу. Энди, ижозат этсалар, бир-икки сўрайдургон гапимиз ҳам бор.
— Сўранг, ота.
— Бўтам, менинг ожиз фикрим балки адашаётгандир. Лекин... сизларнинг ишларингизда бир ёвузлик кўряпман.

Муҳиддин ота «Бу савол билан юрак ярасини тирнаб қўймадимми», деган хавотирда Асадбекка қараб олиб, бошини эгди.

Асадбекнинг ҳам боши эгик эди. Отасининг биродарига, ҳалол-ҳаромнинг фарқига яхши борадиган одамга нима десин? Қандай тушунтирсин? Жаҳл ғавғоси ила мағрур, ақлдан бегона онларини қандай айтсин? Вужуди ваҳшат ичра тор-мор бўлган одам покиза инсонга кирланган юрагини кўрсата оларми экан?

Лекин... нимадир дейиши керак.

Савол берилди.

Жавоб кутилмоқда.

Асадбек бошини бир оғирлик, бир азоб билан кўтарди.
— Ота, бизнинг ишимиз нозик. Бир-иккита кооперативлар очганмиз. Дўст бор, душман бор...
— Душманнинг бири ҳам хатар, — деб мезбон Асадбекнинг фикрини қувватлади.
— Биз баъзан ҳукуматни алдашга ҳам мажбурмиз. Ҳукуматнинг қоидалари чатоқ, алдамасликнинг иложи йўқ. «Одамлар қинғир иш қилсин» деб қинғир қоидаларни ўйлаб чиқарадиган амалдорлар ҳам бор-да!
— Ошнангизни... ҳукумат таъқиб қилмади, дейман?
— Нега бундай деяпсиз?
— Ҳукумат таъқиб қилса, оиласига тегмас, дейман.
— Ҳа... тўғри англабсиз. Биз билан келиша олмайдиган бошқа кооперативлар бор.

Орага сукут чўкди. Муҳиддин ота бир неча нафаслик сукутдан сўнг бошини қуйи эгганича, худди ўзига ўзи гапираётгандай бир байт ўқиди:
— Ҳаётнинг тарбиятсизлик тўфонига нишон айлаб, Чунон мажруҳ ўлуб руҳлар, юраклар зоҳидон ўлмиш.

Асадбек байтнинг мазмунини англамай қарияга қараб олди. Сукут яна давом этиб, Асадбек ўзининг болалиги ҳақида оз бўлса-да айтиши лозимлигини билди. У мактабдаги, кўчадаги ҳақоратларни, бир бурда қора нонга зор кунларни кўрганини айтмади. Бу кунларни кўрган биргина у эмас эди.
— Онам оламдан ўтганларидан кейин... қиморбозларга аралашиб қолдим. Мени ўша одамлар тарбия қилишди. Уйланганимдан кейин кўп ўйнамадим. Устозимнинг гапига кириб, ташладим. Қиморбозларга қозилик қилдим. Кейин... кооперативлар очдик. Мен ҳақимда бўлар-бўлмас гаплар кўп. Мен... намоз ўқимасам ҳам Худодан қўрқадиган инсонман. Ўлганимдан сўнг дўзахда куйишимни биламан.
— Худо сақласин, гуноҳларингизни ўзи кечирсин. Тавба қилинг, бўтам.

Асадбек кўкрагида аламли фарёд бош кўтараётган эди. Уни бўғиш учун бир неча фурсат сукут сақлади.
— Сизни билмайман-у, аммо мен шўро ҳукуматидан бутунлай норозиман. Дўзахда аввал шу ҳукумат куйиши керак эди.
— Дуруст айтдингиз, бўтам.
— Ота, маслаҳат беринг. Болаларим ўқишни битиргач, ўша ерда қолишини хоҳлаяпман. Бу ерга қайтмасин. Мендан кейин ёмон бўлади...

«Мендан кейин...» Шу икки сўз айтилаётганда овози титради. Буни зийрак қария сезди. Унинг ранг-рўйига қараб, «Мендан кейин» яқин кунлар ичи содир бўлиши мумкинлигини фаҳмлаб эзилди.

Жалил ош дамлашни йигитларга топшириб, ўзи болохонада йигитларга насиҳат қилиб ўтирганида Асадбекнинг йўталини эшитди. Йўтал босилавермагач, шошилиб пастга тушди. Хонага кирганда Асадбек букчайганча йўталар, Муҳиддин ота эса унинг елкаларини уқалар эди.
— Дўхтир чақиринг, бўтам, — деди қария, кириб келган Жалилга хавотир билан қараб.

Асадбекни ҳар куни йўқлаб, боқиб турувчи табиб ҳаялламади. Остона ҳатлаб, мижозининг аҳволига кўзи тушди-ю, янада шошди. Эм игнаси билан кетма-кет юборилган дорилар таъсир этиб, Асадбек бир оз ором олгач, табиб ҳам енгил хўрсиниб қўйди.
— Касалхонага ётинг, десам кўнмаяптилар. Нур берилмаса бўлмайди.

Йўтал азобидан ҳолдан тойган Асадбек бу гапни эшитиб, кўзини очди. Табибга қараб бармоқларини қимирлатди-да, «Сен кетавер», деган ишора қилди. Жалил табибни кузатиб чиқди. Табиб хастанинг аҳволи оғир эканлигини таъкидлагач, хайрлашиб кетди. Жалил ҳовлида туриб қолди. Бу орада Муҳиддин ота ҳам ҳовлига чиқди-да:
— Ухладилар шекилли, бир оз ором олсинлар, — деди.

Шунда Жалил ошнасининг касали нима экани, касални ҳаммадан яшираётгани, ўзининг табибга бориб келганини айтди. Асадбекни у ёққа олиб бориш муаммосидан қийналаётганини ҳам билдирди. Икковлон ҳовлида турганларича режа туздилар. Режага кўра улар Асадбекнинг касалидан бехабар ҳолда, «йўтални тузатадиган» табибга бориб келишга даъват этадиган бўлдилар. Табибнинг ўжарлигини билган Муҳиддин ота ҳам бирга боришга истак билдирди.

Асадбек дорининг кучи билан пешинга қадар ухлади. У уйғонгач, режани амалга ошириш бошланди. Муҳиддин отанинг бирга боражагини билгач, Асадбек кўнди.

Қишлоққа яқинлашганларида йўл четидаги «Запорожетс»га кўзлари тушиб, тўхтадилар. Режа бўйича Кесакполвон бу ёққа одам юбориб, эскироқ машина тайёрлаб қўйиши, улар қишлоққа шу аробада кириб боришлари лозим эди. Иш режа асосида бўлди.

Қишнинг совуқ нафаси сезилиб турса-да, ернинг илиқ бағри кечаси ёққан қорни эритиб юборган, тошлоқ йўлдан юриш бир оз қийинлашган эди. Уриниб қолган «Запорожетс» кучаниб бўлса-да, манзилга эсон-омон етиб келди.

Абдураҳмон табибнинг дарвозаси очиқ, лойда қолган из яқин орада бу ҳовлидан уч ғилдиракли трактор чиққанидан огоҳ қилиб турарди. Дарвозага етишганда Муҳиддин ота «Мен чақирай», деди-да, остона ҳатлади. Икки ошна берироқда тўхтаб, кутишди. Ўлим билан юзма-юз бўлгач, такаббурлиги чекинган Асадбек мисоли ювош болага айланган эди.

Қария ҳовли томон уч-тўрт қадам босиб:
— Мулла Абдураҳмон ака! — деб чақирди. Жавоб бўлмагач, яна икки карра, энди овозини баландлатиб чақирди. Шундан кейин овоз берилиб, дам ўтмай Абдураҳмон табибнинг ўзи кўринди. Муҳиддин ота қироат билан салом берди. Шунга яраша табиб ҳам:
— Ваалайкум ассалом ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳу, — деб алик олди-да, қучоқ очиб кўришди. Улар қадрдонлардай юзларини юзларига қўйиб кўришдилар. Ислом одобини, хусусан, бу оламдаги одамлар бир-бирларига биродар эканликларини билмаган, тушунмаганлар бу ҳолатдан ажабланишлари табиий.
— Йўлимиз шу томонга тушиб эди, сиз муҳтарам зотни зиёрат қилмасдан ўтиб кетмоқни айб деб билдик, — деди Муҳиддин ота.
— Хўб ажаб иш қилибсиз, иним. Хонадонимга ризқ берувчи Тангрим меҳмон юборган экан, ўзига шукр қиламан. Қани, марҳамат қилсинлар.
— Тақсирим, менинг биродарларим ҳам бор.
— Чақиринг уларни, қадамларига ҳасанот. Тортинмай чақираверинг, уйимиз кенг, уй торлик қилса, Худо хоҳласа бағримиз кенгдир.

Муҳиддин ота бу мурувват учун миннатдорлик билдириб, ҳамроҳларини чақирди. Ҳайдовчи киришга унамай, чойхонада бўлажагини билдириб, аробасини бурди.

Гилам тўшалган катта хонада тезликда дастурхон тузалди. Нон синдирилиб, «олинг, олинг» бошлангунга қадар деярли гап-сўз бўлмади ҳисоб. Абдураҳмон табиб меҳмонларга зимдан қараб чиқди. Назари бир неча сония Асадбекда тўхтаб, унинг хасталигини фаҳмлади. Зотан, унинг хасталигини табиб бўлмаган одам ҳам билуви мумкин эди. Меҳмонларнинг келишларидан мақсади касал боқтириш эканини сезса-да, табиб «Келинглар, хизмат» демади. Шу пайтгача бирон ўзбек меҳмонга «нима учун уйимга келдинг» демагани ҳолда пок-нопокни дуруст айира олувчи, ўзига имон йўлини маъқул деб таниган Абдураҳмон табиб айтармиди.

Жалил ҳам, Асадбек ҳам суҳбатга деярли аралашмай жим ўтиришди. Айниқса, Жалилнинг жим ўтириши улуғ таҳсинга лойиқ буюк жасорат эди.

Муҳиддин ота бирданига мақсадни айтмай, гапни узоқдан бошлади.
— Тақсир, бир ривоят ёдимга тушди, ижозат беринг, айтай. Ҳойнаҳой сиз бу ривоятдан хабардорсиз. Буни ҳамроҳларим учун айта қолай.
— Марҳамат қилинг, азизим...
— Ровийлар деярларки, подшоҳ бир қизни, отаси ҳамда икки акасини ўлимга ҳукм этибди. Қиз ўлими олдидан бир қултумдан сув беришларини сўрабди. Подшо мурувват қилибди. Сувни ичиб бўлгач, қиз дебдики: «Эй, мурувватли подшоҳ, биз сиз берган сувни ичдик. Энди сизга меҳмонмиз. Меҳмонни ўлдириш мумкин бўлса, биз ўлимга тайёрмиз». Подшо қизнинг ақлига тан бериб ҳукмни бекор қилган экан. Алқисса, шулки, биз сизга меҳмонмиз. Ҳақиқат шулки, сиз ўлимга ҳукм қилувчи шоҳ эмас, хасталарга шифо берувчи табибсиз.
— Ундай эмас, иним, адашдингиз, астағфируллоҳ. Дард берувчи ҳам, шифо берувчи ҳам ёлғиз Оллоҳдир.
— Ҳақ рост, — деди Муҳиддин ота, бош эгиб.
— Иним, сиз мени кўринмас ип билан боғлаб олдингиз. Билиб турибман, бу иним, — у Асадбекка қаради, — хасталар. Муолажа ҳақида сўнгроқ сўз юритамиз. Ҳозир меҳмондорлик таомилини бузмайлик. Аввал таом, дейдилар. Ҳалиги аробаларинг соғлом одамни ҳам хаста этади. Бир оз дам олинглар. Мен эса, сиз айтган ривоятга жавоб айтай: «Ҳазрат Луқмон ҳакимдан сўрабдилар:
— Тўғри ва аниқ сўзлашни кимдан ўргандингиз?
— Кўр одамдан, — деб жавоб берибдилар ҳазрат. — Улар бир қадам босишларидан олдин аввал ҳассалари билан ерни пайпаслаб кўрадилар. Мен эса сўз айтишдан аввал ўйлайман». Алқисса шулки, сиз ўйлаб-ўйлаб дуруст сўзлар айтдингиз. Менинг кўнглим бундан тоғдир.

Шу зайлда лутф алмашилганидан сўнг ҳар икки томонни ажратиб турувчи ноқулайлик пардаси четга сурилди. Суҳбат эркин мақом касб этиб, ҳатто Жалил ҳам «мулла» сифатида қўшила бошлади. Красноярдаги суҳбатлар чоғида Жалилнинг «муллалик» даражасини яхши фаҳм этган Муҳиддин ота вақти-вақти билан унинг сўзини кесиб туришга мажбур бўлди.

Ҳамонки улар азиз меҳмонлар мартабасига кўтарилган экан, Муҳиддин ота ўзларини таништирмоқни лозим кўрди.
— Сизга бир қарашдаёқ қувғинди эканингизни юрагим сезган, — деди табиб. — Агар билсангиз камина ҳам қувғиндилардан. Ўз шаҳримни ташлаб келиб, бу қишлоқда макон тутганман. Бу инимнинг, — у Асадбекка қаради, — кўп зулм кўрганларини кўзларининг туби айтиб турибди. Аммо, ишқилиб адашаётган бўлай, кўзларининг сирти, айниқса қорачиқлари ўзгаларга зулм қилганларини айтиб турибди.

Бу гапни эшитиб, Муҳиддин ака бошини эгди. Асадбек ҳам бош эгиб бир оз жим ўтирди-да, сўнг тан олди:
— Ота, адашмадингиз...
— Замон мажбур қилди уларни. Бизлар қувғинларда қолганда, булар қаровсиз бўлди. Кечаги куни Асадбек бўтам билан шуни гаплашиб эдик. Ҳукуматни кўрарга кўзлари йўқ. Бизларни қамоқдан озод қилишди, тақсир, омма фарзандларимиз руҳлари шикастланганича қолди.
— Биламан, иним, биламан, — деди табиб оғир тин олиб. — Бу гапларга ҳожат йўқ. Билсангиз иним, мен бошқа оламман. Совет Иттифоқи деган бадбахт давлатни дунё тан олган, аммо мен тан олмаганман. Совет Иттифоқининг чегараси сиз босиб ўтган дарвоза остонасида тугайди. Остонанинг бу томони бошқа дунё.
— Бу давлат юрагимиздан жой ололмади. Сиз яхши айтдингиз, тақсир. Энди бу чегарани янада узоқроққа улоқтириш замони келармикин? Бу ҳаромилар қачон йўқ бўларкин?
— «Ал-бирру ла юбла, ваз-занбу ла юнса ад-дайяну ла ямуту иъмал ма-шиъта кама тадийну туъдану»*,— деди Абдураҳмон табиб маъноли оҳангда.

Жалил ҳадиснинг маъносига тушунмаса ҳам «қаранг-а!» деган ҳайрат билан бош ирғаб қўйди. Муҳиддин ака эса бир оз ўйга толиб сўнг табибга қараб деди:
— Астаийҳзу биллаҳ, «Ва лоқад карромна бани Адама», — Улуғ қилиб яратилган одам зурриёдлари шайтон йўлига кирса шу экан-да. Астаийҳзу биллаҳ, «Ва инна алайка лаънати ило явмид-дин»[1].

Улар икки аллома сингари суҳбат юритардилар. Жалил уларнинг суҳбатига ўз фикри билан қўшилиш учун оғиз жуфтлаганида Асадбек тирсаги билан биқинига туртиб, кўз қараши билан «Жим ўтир» деб таҳдид қилди.

Суҳбат чиройли тарзда давом этаётганда, ҳовлида бир одамнинг «Абди!» деган бақириғи эшитилди. Гўё жимирлаб турган кўлга тош тушгандай бўлди.
— Дев акам келдилар, — деди Абдураҳмон табиб мийиғида кулиб. — Айбситманглар, меҳмонлар. У — Худонинг эрка бандаси. Менинг доимий азиз меҳмоним.

Табиб меҳмонни қаршилашга турганида остонада девнинг чала туғилган боласини эслатувчи, баланд бўйли, тўладан келган, соч-соқоли оппоқ оқарган, усти юпун одам кўринди. У остона ҳатлаб ичкари кириб меҳмонларни кўрди-ю, бир зум тўхтади. Уларга бир-бир қараб олгач, дадил юриб келиб Муҳиддин ота билан кўришди:
— Ассомойкум, сенга миллион сўм бераман, — деди жиддий тикилиб.

Бу гапни эшитган Муҳиддин ота нима дейишни билмай, гангиб қолди.

Дев ака Жалил билан кўришаётиб ҳам шундай деди. Аммо барчани ҳайратда қолдириб Асадбекка бундай демади.

Абдураҳмон табибга унинг феъли маълум: Дев ака бировни суймаса пул ваъда қилмайди. Бошқаларга миллиондан «бераверади». «Бу одамнинг нимаси ёқмади? У ҳам кўзларида зулм кўрдими экан?» деб ўйлади табиб.

Дев ака миллионларни «улашиб бўлгач», ўтириб Абдураҳмон табиб узатган чойни хўриллатиб ичди.
— Абди, — деди у тишсиз милклари билан нон чайнаб. — Мих йўқ. Ҳеч ерда йўқ. Исо Масихни михлашга етган мих энди йўқ. Ҳамма тиланиб юрибди. Раис ҳам тиланяпти. «Сотсиализм қуриш учун эҳсон қилинг», дейди. «Пули йўқ одам қурилиш бошламайди», дедим. — Дев ака ҳиринглаб кулган эди, оғзидаги чой соқолидан оқиб тушди. — Пул йўқ, мих йўқ, у сотсиализм қураман, дейди.

Муҳиддин ота унга қараб туриб ажабланди: баъзи гаплари туппа-тузук, айримлари алмойи-алжойи. Уй эгаси индамай ўтиргани учун, улар ҳам гапирмадилар. Дев ака чойни ичиб бўлгач, пиёлани тўнтарди-да, ўрнидан турди.
— Абди, мих йўқ, сен сотсиализм қурма, — деб чиқиб кетди.

Шундан сўнг табиб Дев аканинг кимлигини айтиб қўйишни лозим топди.
— Биз бир қишлоқдан эдик. Қизиллар келиб биздан тилла талаб қилишди. Буларнинг уйини тит-питини чиқаришибди. Онаси яшириб қўйган битта тангани ютиб юборибди. Ҳаромилар кўриб қолиб, аёлни ҳомиладор демасдан, қиличда қорнини ёриб олишган ўша тангани. Дев ака тўрт-беш ёш экан. Ўшандан бери шунақа бўлиб қолган.
— Астағфируллоҳ, — деди Муҳиддин ота.
— Йўғ-э, ҳомиладор хотинни-я? — деб ажабланди Жалил.
— Бу сизларга чўпчакка ўхшайди, — деди табиб. — Мен эртакчи эмасман. Билганимни гапираман. Бизни бу ёқларга кўчиришганда Дев ака эргашиб келдилар. Аввал бизникида ётиб юрардилар. Кейин-кейин дуч келган ерни макон тутадиган бўлдилар. Қишин-ёзин юришлари шу — сарпойчан.

Овқат кириб таомланишгандан сўнг табиб Асадбекнинг ёнига ўтди.
— Қани, иним, қўлларингизни беринг. Исмингиз нима, ёшингиз нечада?

Табиб Асадбекнинг кафтларига боқди, тирноқларини эзиб кўрди. Сўнг икки билагидаги томирга бош бармоғини қўйиб, бошини эгганича анча ўтирди.
— Ичингизга совуқлик ин қуриб олибди, ҳайдаш керак, — деди у Асадбекнинг билакларини қўйиб юборгач. — Бунинг иложини қиламиз. Лекин... яна бир хасталик илашибди сизга. Бунинг иши қийин. Шифо бергувчи Оллоҳ. Оллоҳга таваккул қилгумиз. Менда дори тайёрлаш учун бир нарса етишмайди. Эски аробада келганингиз билан топар-тутарингиз яхшига ўхшайди.
— Айтинг, топамиз, — деди Жалил.
— Топасизми? — деди табиб унга норози қиёфада боқиб. — Яхши, топиб келинг. Менга тилла танга керак.
— Тилла танга? Нечта? — деб сўради Жалил, худди чўнтаги тилла тангага тўла одамдай.
— Бир дона. Аслида ундан озгина кукун сидириб оламан. Қолгани ўзингларники.
— Ошнам тузалса бўлди, бу ёғидан хотиржам бўлинг, ота. Бир эмас, юзта танга бўлса ҳам топамиз.
— Иним, иккинчи дафъа бундай дея кўрманг менга. Мен у дунёга мол-дунё билан бормайман. Ёлғиз Оллоҳга ва унинг расулига муҳаббатим билан бораман. Шу боис бу дунёдаги бойликни, сиз айтган юзта тангани сариқ чақага ҳам олмайман.

Асадбек ошнасининг биқинига тирсаги билан туртди. Муҳиддин ота «аттанг!» дегандай бош чайқади.
— Узр, отахон, ўйламай гапириб юбордим, — деб бош эгди Жалил.
— Сиз менга юзта эмас, битта топиб келинг. Саййид Абдулаҳадхон тангаларидан бўлсин.
— Абдулаҳадхон? — деди Жалил.
— Бухорои Шарифда шундай амир ўтган.
— Советнинг тангалари бўлмайдими? — деди Жалил.
— Николайники ҳам, бошқа замонники ҳам бўлмайди. Менга керакли нарса фақат Саййид Абдулаҳадхон зарб этган тилласида бор.
— Мен уни қандай топаман?
— Тополмайсизми? Унда сира олдиндан катта кетманг. Мен муолажани бугундан бошлайман. Узоқдан келибсиз, шу уй сизники. Сиз эса иним, поездда бир ярим кунлик йўл, бир жойга борасиз. Ҳайим деган ямоқчини топасиз. «Абдураҳмон табибдан салом. Сиз Саййид Абдулаҳадхоннинг ўн еттинчи жияни экансиз. Табибга битта танга зарур бўлиб қолди», дейсиз. Савдолашмайсиз. Сўраган пулини берасиз.

Жалил ишнинг бу қадар осон кўчганига, айниқса, Кесакполвон оттирган отлардан гап очилмаганидан қувониб йўлга тушди.

2

Жалил поезддан тушиб, Абдураҳмон табиб айтган жойни қийналмай топди. Лекин устахонасида Абдураҳмон табиб таърифлаган кекса ямоқчини эмас, йигирма беш ёшлардаги йигитни кўрди.
— Ҳайим ака қаерда? — деб сўради Жалил.
— Ҳайм акони нима қиласиз? — деб саволга савол билан жавоб берилди. Жалил:
— Мен бир одамдан салом олиб келдим, — деди.
— Кимдан?
— Абдураҳмон табибдан. Сен билмасанг керак уни. Сен ўзинг кимсан?
— Ҳайм аконинг набираси.
— Бобонг қанилар?
— Кетганлар.
— Қачон келадилар.
— Келмайдилар. Бобом кетган жойдан қайтишга йўл йўқ.
— Исроилга кетдими?
— Ундан ҳам узоқ... Худонинг олдига...
— Ўлдими? Шуни айта қолмайсанми. Гапни чўзишингни қара.
— Ако, сиз сўрадингиз, мен жавоб бердим. Бобомда нима ишингиз бор эди?

Жалил табиб тайинлаган гапларни дона-дона қилиб айтди.
— Ако, бу криминал иш. Бизга ундай танга йўқ.
— Сен маҳмадоналик қилма. Уйингга бориб бувингданми, ота-онангданми сўра. Мен милиса эмасман, қўрқма.
— Ако, менга қўрқиш йўқ. Танга ҳам йўқ.
— Мен шу ерда ўтириб турай, сен уйингга бориб сўраб кел.
— Эрта келинг, ако.
— Эрта деганинг нимаси? Мен қаерда ётаман?
— Истансада ётсангиз мумкин.

Жалил қарасаки, бу йигит гап уқмайдиган. Ноилож изига қайта бошлади. Сал нари юргач, йигит чақирди:
— Ако, ҳов ако!

Жалил «Худога шукр, инсоф кириб қолди шекилли», деб ўгирилди.
— Ако, пулингиз ёнингизгаме? — деб сўради йигит у яқинлашгач.
— Сен аввал тангани топ. Пул нақд.
— Эрта келинг.

Жалил унга бир бобиллаб бермоқчи бўлди-ю, ишни бузмай деб тилини тийди. У ямоқчи айтгандай бекатга бормай, масжидни излаб топиб, ўша ердан қўноқ топди. Масжид имоми сафарга кетган, ноиби айни Жалилбоп — чала мулла экан. Иккита чала мулла суҳбат қурганда илмнинг янада саёзлашиб кетиши ўша куни яна бир карра исботланди.

Эртасига ҳам иш пишмади. Йигит яна «Эрта келинг», деб туриб олди. Жалил қайтмоқчи бўлганда яна «Пул ёнингизгаме?» деб сўради.

Учинчи боришда устахонада белига эски чарм пешбанд боғлаб, чақалоқнинг муштини эслатувчи бурнига думалоқ кўзойнак қўндирган қарияни кўрди.
— Кеча бир йигит ўтирувди? — деди Жалил у билан саломлашгач.
— Сизга йигит керакме? — деб саволга савол билан жавоб берди чол.
— Аслида менга Ҳайим ака керак.
— Ҳайм акангиз мен-ку? — деб кулди қария. — Набирам сизга нима деди, кетди, дедиме?
— Кетди деса ҳам майли, ўлди, деди.

Ҳайим кулди:
— Набирам ҳазилга мойил. Аммо у кетди, деган, сиз ўлдими, дегансиз, ҳайми?
— Шундоқ-ку... лекин...
— Ака Абдураҳмон амонме? Нима дейди?

Жалил табибнинг гапини сўзма-сўз такрорлади.
— Ҳай, пулингиз киссангизгаме?
— Ҳа.
— Олинг.
— Қанча?

Ҳайим айтди. Жалил қўйин чўнтагидан газитга ўроғлиқ пулни олиб санамоқчи эди, ямоқчи уришиб берди:
— Ҳе, эсингизга бир нарса, сизнинг. Бу ерга санаманг пулни. Бошқа жойга санаб келинг.

Жалил холироқ кўчага бориб пулни санаб яна газета парчасига ўради-да, устахонага келиб, ямоқчига узатди.
— Эрта келинг, — деди ямоқчи.
— Яна эртами?
— Ҳа, сизга осонме, бу. Хоҳламасангиз бошқа ерга изланг.
— Хўп, хўп...

Жалил уни ичида сўка-сўка масжидга қайтди.

Эртасига ямоқчи унга балчиқ сурилган танга узатди. Жалил лойни артмоқчи эди. Ҳайим уни тўхтатди:
— Ҳе, эсингизга бир нарса сизнинг. Тегманг. Бу криминал иш, тушунмайсизми? Боринг, Ҳайм алдамайди. Ҳайм честний гражданин.

Уч кунлик хунобгарчиликдан сўнг Жалилнинг бағрига офтоб теккандай бўлди.

3

Тонг қиличи ғолиб келиб, туннинг икки қоши орасини поралади.

Икки қария намозни ўқиётганида Асадбекда ҳам ибодат қилмоққа майл уйғонди. Уйда ёлғиз қолганида, азон товшини эшитганида шундай ҳис уйғонарди. Ҳозир унинг вужудида ғалати куч қўзғолиб, туришга мажбур этди. У таҳорати бўлмаса-да, намоз ўқишни билмаса-да, Абдураҳмон табибнинг орқасида намоз ўқиётган Муҳиддин отанинг ёнидан жой олди. Намозхонлар турса турди, рукуга борса, руку қилди, саждага бош қўйишганда у ҳам жойнамозга бош қўйди. Ана шунда кўкрагида бир ўксик уйғонди. Зое кетган умрига аза очиб, йиғлагиси келди.

Саждага бош қўйгунча бошқа одам эди.

Саждадан бош кўтарганида у бўлак инсон боласига айланди.

Ҳар бир нарсада занг бор, қалб нурининг занглаши— тўқликдир, дейдилар. Ҳозир холис ихлос билан саждага бош қўйганида ўша занг тўкилдими — Худо билади.

«Диллардаги кибр-ҳавони кетказишга қараганда тоғни игна билан ағдариш осонроқ», дейдилар. Аммо Оллоҳ истаса бу мушкулотни осонлик билан ҳал этади.

Намоз ўқиб бўлингач, аввал Муҳиддин ота, сўнг Асадбек турдилар-да, кўрпачалар тўшалган хонага ўтдилар.

Абдураҳмон табиб эса ўрнидан жилмади. Унинг одати шу: Яратган билан хаёлан гаплашади. У бу одатини ҳеч қачон канда қилмаган. Бугун ҳам муножотини бошлаб, меҳмонларнинг туриб кетганларини ҳатто сезмади ҳам. Вужуд қаригани сайин ақл кучга кириб боради, деб бежиз айтишмаган. Абдураҳмон табибнинг муножотини тинглаган ҳар бир кимса бу ҳақиқатга яна бир карра амин бўлади.

Авваллари, ёшлик чоғларида душманларга, уларни қақшатган қизил золимларга жазо беришини сўраб илтижо қилди. «Ал қасосул мин-ал Ҳақ». Қасос — Ҳақдандир. Абдураҳмон табиб аввалига нима учун кофирлар қўли баланд келаётганидан ажабланди. Ҳатто баъзан шайтон алайҳилаъна васвасасига учиб, «Агар кофирларни жазолай олмасанг қандай қодир Худосан!» (Астағфируллоҳ!) деган вақтлари ҳам бўлди. Кейинчалик ояти каримада зикр этилмиш «Куфр йўлини тутган кимсалар уларни тек қўйганимизни ўзлари учун зинҳор яхшилик деб ҳисобламасинлар. Биз уларни фақат гуноҳлари кўпайиши учунгина муҳлат берамиз. Улар учун хор қилгувчи азоб бордир», деган Ҳақиқатни англаб етди. Яна энг муҳим бир нарсага — «Оллоҳ нима сабабдан бу юртни кофирлар зулми остида эзилишига қўйиб берди?» деган саволга жавоб топди. Жавоб оддий эди — қавм Оллоҳдан узоқлаша бошлади. Шайтон ғолиб мамлакатда кофирлар ўзларини дарё сувидаги балиқдек ҳис қилиб, яйрадилар. Кофирлар зулмидан қутулмоқнинг йўли бир — Оллоҳга яқинлашиш, Оллоҳга қайтиш!

Кейинроқ ғанимларга инсоф тилади.

Ҳар инсоф тилаганида бир воқеа эсига тушади.

Қишлоқни қизиллар босди. Улар қишлоқ аҳлининг тарихини кимдандир билибдилар. Тарих шуки, уларнинг қабиласи юз йиллар муқаддам урушдан безиб, тоғ ошиб келишган. Бу қабиланинг ғоят катта бойликка эга экани ҳақида ривоятлар юради. Аслида бу ривоят эмас, ҳақиқат эди. Чиндан ҳам уларнинг катта бойликлари мавжуд, лекин унинг қаерга яширингани қаттиқ сир сақланарди. Қабила ўтроқ бўлиб, қишлоқ вужудга келгандан сўнг ҳам бойлик сарф қилинмади. Айримлар «Эзилиб ишлайверамизми, ота-боболардан қолган бойликни улашинг», дейишганда оқсоқол вазмин туриб «Агар меҳнат билан яшашни чумолидан ўрганинг, десам сизларга уятдир. Агар бу насиҳатга амал қилмасангиз икки карра уятдир», деб можарога якун ясаган экан. Бойлик юртга қайтиб борилгандагина сарф этилсин, деган васиятга барча авлод содиқ келди. Ана шу бойликнинг исини олган шўролар кексаларни сиқувга олдилар. Ана шу онда Ислом лашкарлари ҳужум қилиб, улар Оқсоқолнинг қўрғонида қуршовда қолдилар. Ислом лашкарлари кексаларни асраб қолиш мақсадида «уларни озод қилинглару кетинглар» деб шарт қўйдилар. Қизиллар «кечаси кетамиз» дейишди. Кетишгандан сўнг қарашсаки, бойлик қаердалигини айтмаган қарияларнинг бошларини жодида бир-бир узишибди...

...Ўшанда қариялар Худога нола қилиб золимларга инсоф тилашгандир...

Дев аканинг онаси ҳам тилагандир.

Тиллани деб қанча жонлар қурбон бўлди.

Ҳамма мамлакатларда, ҳамма замонларда бунга ўхшаш воқеалар юз берган.

Аслида олтиннинг ранги сариқ эмас, тўкилган қонларга мос — қизил бўлиши керак.

Абдураҳмон табиб ҳар субҳи содиқда Оллоҳдан бандаларига имон тилайди, ҳидоят тилайди, дил қулфларини очмоқликни сўрайди...

Ташқарида аёл кишининг овози келиб Абдураҳмон табибнинг хаёли бўлинди. Муножотини ниҳоясига етказиб, юзига фотиҳа тортди-да, ташқарига чиқди. Эгнига қора духоба камзул кийган кампирга қараб:
— Яна келдингизми, синглим? — деди норози оҳангда.
— Берган дорингизни ичиб бўлдим, —деди кампир айбдор одам овозида.
— Ичиб бўлибсиз, яхши. Энди дам олинг.
— Табиб оғажон, сиз ҳамма нарсани биласиз, айтинг, бир ой ичида ўлиб қолмайманми?
— Буни Худо билади.
— Сиз ҳам биласиз. Айтинг бир ой...
— Бир ойда нима қилмоқчисиз?
— Мен ҳеч нарса қилмайман. Менга қолса, вақтим битган бўлса, ҳозир ҳам тайёрман. Лекин... ўғлим тўй қилмоқчи. Мен ўлиб қолсам, тўйга атаганини азага ишлатиб, совуради. Нима бўлса ҳам тўйдан кейин ўлай.
— «Кулли нафсин зойиқатул-мавта»[2], — деди табиб. Ояти кариманинг маъносини тушунмаган кампир «Табиб дуо қилди», деб унга миннатдорчилик билдирди.

Абдураҳмон табиб хос хонасига кириб қоғозга бир сиқим қуритилган кўкат солиб чиқди-да кампирга узатиб:
— Қайнатиб ичинг. Худо хоҳласа ўғлингизнинг ҳамма тўйларини кўрасиз, —деди.
— Ўригимизга ола ҳакка қўниб қақиллаяпти-да, — деди кампир хавотири боисини баён қилиб.
— Бидъатларга ишонманг, одамлар айтаверади.
— Ота-онам ҳам тушимга киряптилар.
— Бидъатга ишонманг, дедим-ку! — деди табиб жаҳл билан. — Боринг, яна икки йил яшайсиз.

Кампир «Ҳазиллашяпсизми?» дегандай қараб турди. Табибнинг қараши жиддийлигини кўриб, уни дуо қила-қила кетди.
— Одамлар қизиқ-да, — деб ўйлади Абдураҳмон табиб, унинг изидан қараб. — Икки кундан кейин ўласан, десам ишонмайди, қарғаб-қарғаб кетади. Икки йил яшайсан десам ишонади, дуо қилади. Жаноб Расулуллоҳ «Ўнг томонимга салом бериб чап томонимга салом беришга улгураманми-йўқми, билмайман», деганлар. Пайғамбар билмаган нарсани табиб қандай билсин...

4

Жалил тилла тангага кетгач, Абдураҳмон табиб муолажа бошлади. Аввал эски қонни эслатувчи қўланса дорини ичирди. Сўнг бир коса қайнатма шўрва келтирди. Шўрвани ичиб бўлгач, Асадбекни пўстинга ўраб қўйди. Асадбек шу даражада терладики, умри бўйи бунақа ҳолга тушганини эслолмайди. У еттита илонни еб семирган илон шўрвасини ичганини билмади. Шўрвага илон солинганини билса, балки ичолмас ёки қайт қилиб ташлаган бўларди. Муҳиддин ота билан очилиб гаплашаётган, Асадбекка қарагани ҳамон тундлашадиган табиб «ич», деди, тамом — бажарди.

Тонгда енгиллашиб турди. Худди дарддан буткул фориғ бўлгандай туюлди. Намоздан кейин эса руҳи ҳам тетиклашди.

Абдураҳмон табиб кампирни кузатиб киргач, ўрнидан туриб салом берди.
— Кўринишингиз, Худога шукр, дуруст, — деди Абдураҳмон табиб, саломга алик олиб.
— Тузалиб қолганга ўхшайман.
— Оллоҳ шифо берсин. Аммо тузалишингизга фурсат бор. Бу хасталик хийла ўжар.
— Ўғлингизнинг тўйигача тузалиб кетасиз, иншооллоҳ, — деб гапга қўшилди Муҳиддин ота. Сўнг қўшиб қўйди. — Одамзотнинг фарзанди тўйини кўриш умидида яшамоғи гўзал ҳол-да!

Унинг кейинги гапи оҳангида фарзандсиз ўтаётганидан бир афсус, бир армон бор эди. Табиб буни сезиб гапни бурди:
— Ҳозирги кампирни айтасизми?
— У чиндан ҳам икки йил яшайдими? Ўғлининг тўйини кўрадими? — деб қизиқди Асадбек.

Абдураҳмон табиб жилмайди. Унинг бу жилмайишида хурсандлик ёки қувлик эмас, изтироб бор эди.
— Буни Оллоҳгина билади. Хаста ҳали тирик экан, тузалишига Оллоҳдан умид бор. Баъзан бировнинг кўнглини кўтараман, деб гуноҳга ботаман. Шунда ҳазрат Навоийни ёдлайман:

Эй ғофилу ғафлатқа вужудинг мағлуб,
Мажмуи ёмонлиғ назарингда марғуб.
Бординг дағи келмадинг бу эрди матлуб,
Ёлғонларинг ичра йўқ эди мундин хўб...

Одам бу дунёга ўлиш учун келади. Харобага айлантириш учун қуради. Шу ҳақиқатни тушунтиришим қийин.

Нонуштадан олдин Асадбекка яна кечаги қўланса доридан берди. Нонуштадан сўнг эса юмушлари борлигини айтиб, узр сўради. Шу кетганича пешинда бир кўринди. Меҳмонларни чоғроқ, ойнаванд хонага таклиф қилди. Бу хонада танча ҳозирлаб қўйилган эди.

Асадбек танчага ўтириб, болалигини эслади.

Танча совуб қолган кунни ҳам ёдига олди.

Отасини олиб кетган кунлари.

Сўнг танча четидаги Самандарнинг мурдаси...

«Ташқарига чиқмай туринг», дегани учун шу уйда ўтирдилар. Эрталаб Асадбекнинг намозга турганидан қувонган Муҳиддин ота унга ибодат қоидаларини ўргата бошлади. Қўл боғлаб туришни ўргатаётганда табиб кириб, унинг ҳаракатларини кузатди. Сўнг танчага омонат ўтириб, Асадбекка қаради.
— Худога шукрки, дилингиз қулфини оча бошлабди,— деди у мамнунлик билан. — Агар кеча бу биродаримнинг узрлари айтилмаганда сизни боқмас эдим. Мен сизнинг кўзингизда зулм кўрдим. Зулмкор одамлар ҳаётдан бир кун кеч кетганидан кўра, икки кун аввалроқ ўтгани дуруст. Шунда камроқ одамга зулм ўтказади.
— Бўтамни замон йўлдан чиқарди.
— Ундай деманг, иним, ўша замон нима учун сиз билан мени йўлдан чиқармади? Қуш қаерга ин қуришни билади,а? Демак, яшашдан мақсадини ҳам билади. Наҳотки, жонзотлар орасидаги энг олийи ҳисобланмиш инсоннинг қуш билган нарсага фаҳми етмайди?
— Тақсир, — деди Муҳиддин ота. — Сизга учратгани учун Оллоҳга шукр. Худо хоҳласа ҳам тан хасталиги, ҳам руҳ хасталигига шифо топажакмиз.
— Бир нарсани аниқ фаҳм этинг, иним, — деди табиб Асадбекка. — Кимки ҳийлаи тадбирни ташласа, яхши ҳам тинч яшайди.

Табиб шундай деб яна ҳовлига чиқиб кетди.

Жалил эртаси кун ҳам келмагач, Муҳиддин ота хавотирланди.
— Хавотирланманг, иним, — деди табиб кулимсираб. — Ҳайим осонлик билан ишонмайди. Камида уч кун овора қилади.

Шундан кейин Жалилнинг келишини сабр билан кутдилар.

Табиб Жалил келтирган тилла тангани ювиб, артиб чироққа тутди. Олтин товланиб кўзни олди. Абдураҳмон табиб катта косада тайёрлаб қўйган дори билан кичик эговни олиб келиб, тангани уларнинг кўзи олдида эговлади. Етарли миқдорда эговлагач, олтин зарраларини дорига аралаштириб четга олиб қўйди-да, тангани Асадбекка узатди:
— Олиб қўйинг, иним.
— Сизда қолаверсин, розимиз, — деди Асадбек.
— Йўқ, иним, бу ерда қолмасин.
— Яна бирорта касалга ишлатарсиз?
— Агар лозим бўлса одам жўнатаман.
— Буни сотиб, масжидга ишлата қолинглар, — деди Жалил.
— Масжидга пешона теридан топилган маблағ бўлса, ташлаб кетарсиз...

Хуллас, Абдураҳмон табиб тангани ҳам олмади, «Худо юборган меҳмонлардан пул олсам, қиёматда Оллоҳимнинг кўзига қандай қарайман?» деб «қўл ҳақи», «назир» дейилгувчи пулни ҳам олмади.

Табибнинг маслаҳати билан Асадбек яна бирон ҳафта қоладиган бўлгач, Жалил уйига қайтди.

5

Муҳиддин ота Асадбекникида узоқ қолмади. Асадбек унинг ёнига икки йигитни қўшиб, «Козловни олиб келинглар», деб тайинлади. Муҳиддин ота қабристон чеккасининг ёниб кул бўлганини узоқдан кўриб, юраги эзилиб кетди. Бу ерда қандай воқеа содир бўлганини ўзича тахмин этди.

Машинадан тушди-да, бир тўп кулга айланган уйи олдида ғарибона туриб қолди.

Яхши-ёмон кунлари ўтган эди бу уйда.

«Қамоқда ҳалок бўлган биродарларим руҳи кезиб юради», деб кўнгли таскин топарди.

Биродарларининг руҳлари чирқирадими энди?

Чархпалакнинг челакчалари анҳордан сув олиб новга тўккани каби фалак гардиши зулмкорларни замин юзига тўкаверади, тўкаверади. Зулм дарёси эса туганмас, қуримас...

Козловдан ҳам ном-нишон қолмаган. У куйиб кул бўлганми ё қочиб қолганми — Худо билади.

Муҳиддин ота бир оз тургач, қорда излар қолдириб қабрлар оралаб юрди. Асадбекнинг отаси ётган қабрга яқинлашиб, тиз чўкди. Тиловат қилди. Хаёлан у билан суҳбатлашди.

Сўнг изига қайтди. Аробага ўтириб, қишлоққа бордилар. У ердагилар уйчанинг ёнганидан бехабар эдилар. Йигитлар Муҳиддин отани қишлоқда қолдириб, қайтишди. Бир ҳафтача туриб Муҳиддин ота ҳам қишлоққа сиғмай қолдими, у ҳам юртига қайтди.

XV боб

1

Бир кишилик тор, зах, нимқоронғи қамоқ. Қуёш нури оқиб келиши мумкин бўлган тирқиш ҳам йўқ.

Бу зах хонада соғлом одам хасталикка чалиниши, хастанинг эса ўлими аниқ бўлиши ҳам ҳеч гапмас. Зоҳид бундай хонани энди кўраётгани йўқ. Лекин аввалги кўришлари бошқа, буниси бошқа. Авваллари терговчи сифатида, мажоз билан айтилганда «меҳмон» сифатида кўрар эди. Энди эса ўзи маҳбус, яъни «мезбон». Бу ерда бир кун бўладими ё бир йилми, ёки ундан кўпми — билмайди. Ўзидан олдин бу хона мезбонлари ҳам шундай эди.

Бу совуқ бетон деворлар неча ўнлаб ёки юзлаб одамларнинг оҳу фарёдини ўзига сингдирган. Бу ерда қанча бегуноҳлар нола қилди экан? Девор-ку тош, нолаларга парво қилмайди. Девор ортидаги одамлар-чи? Улар «Шу хонада бегуноҳ одам ётибди», деб ўйлашганми, ачинганми? Зоҳиднинг ўзи-чи? Шундай хоналар ёнидан ўтаётганда нималарни ҳис қилган. Эшик тирқишидан мўралаётган кўзларни кўрарди-ку?..

Мана ҳозир у хона ўртасида қўлларини орқага қилиб турибди.

Шу девор ортида ҳовли бор, унинг ортида эса кўча, дарахтлар... Булутлар билан олишаётган офтоб. Минг турли қайғу ёки минг турли бахт билан юраётган одамлар. Қайғудагилар ҳам, бахтиёрлар ҳам юраётган йўлларидан сал наридаги ертўлада маҳбуслар ётганини билмайди. Билса ҳам эътибор бермайди. Балки ҳозир шу кўчадан Зоҳиднинг қишлоқдан келган отаси ёки онаси ўтиб бораётгандир, балки хотини кечки овқатга кечикмай деб шошилиб кетаётгандир...

Кечки овқатга Зоҳид бормайди. Нонуштага ҳам... Хотини дастлаб хавотир олмайди... Кейин...

Кейин нима қилади? Қайга боради?

Ишхонасига келади. Биров «Билмайман», дейди, биров «Фалончига учранг», дейди. Фалончи пистончига юборади. Пистончи эса «Эринг порахўр», дейди. Хотини ишонадими? Йўқ, ишонмайди. Маошдан маошга аранг етиб боришади-ку, ахир. Балки... Хотини бошқа нарсани ўйлар? Пораларни олиб, ўйнашига ишлатар, дер?.. «Э, йўқ, бунақа ўйламайди, менга ишонади...»

Хаёлларига эрк берган Зоҳид адашаётган эди. Унинг аҳволидан хабар топган Саид Қодиров «Эрингиз шошилинч сафарга кетди, қишлоққа бориб турар экансиз», деб хотини билан боласини жўнатишга улгурган эди. Бергер эса эгасиз уйнинг қулфини буздириб очиб, тинтиб чиқиб кетган эди.

Дил доғланган, бардош боғланган.

Бу дунёда қаҳрамонлик кўрсатиш зарур эмас, аммо аблаҳлик қилмаслик шарт, деган ақида асосида улғайган, шу ақида билан яшаётган Зоҳид тамоман гангиб қолди. Ёруғлик билан қоронғулик чегарасини аниқ белгилаш мумкин бўлмаганидек, у адолат билан адолатсизликнинг чегарасини тамоман йўқотди. Бундай чегара борми, бўлганми — билмай ҳам қолди.

«Шариф Намозовни қамаш, қамоқдан чиқариш ҳақидаги қоғозларда менинг имзом йўқ эди. Уни фақат сўроқ қилганман. Нима учун менга айб қўйишяпти? Намозов нима гуноҳ қилган? Москвадан келишган бўлса — иш жиддий. Винзавод масаласи бўлса керак. Винзавод титилса — Асадбекнинг тагига сув кетади. Мақсад винзавод бўлса, мени нима учун тиқиштиришади? Бу кимнинг иши? Асадбекларникими? Мен уларга халақит бермай қўйдим-ку? Ё бир одамни емиш қилиш керак бўлса прокуратурадагилар мени рўпара қилишдими? Мен улар учун кимман? Ҳеч кимман! Ҳали бир ишни қойиллатганим йўқ...»

Орадан қанча вақт ўтди, билмайди. Тун кирдими, йўқми — буни ҳам билмайди. Кўзлари ўнгида ҳаммаёқ хира. Бу хона ичра эмас, гўё дунё ичра ёлғиз. Ҳеч кимдан нидо йўқ. Фақат тор кўкрагига банди юраги беҳаловат тепади. Тепиб-тепиб кўкрак қафасини синдириб қочиб кетгиси келади. Ўзини ҳимоя этолмайдиган бу вужудни тарк этгиси келади.

Эти жунжикди. Дарахтларни кўргиси келди. Беғубор осмонни, қуёшни қўмсади. Худди уларни минг йиллардан бери кўрмаётгандай соғинди.

«Ой бўлишни хоҳлайсанми ё қуёшми?»

Бу овоз қайдан келди?

Акасининг овози. Болаликдаги беғубор, масъум овози...

Зоҳид гангиб турган пайтда овоз такрорланди:

«Ой бўлишни хоҳлайсанми ё қуёшми?»
— Қуёш бўлишни... — Бу кичкина Зоҳиднинг овози.
— Қара, ой чиройли-ку?
— Қуёш эса иссиқ. Сиз ой бўла қолинг.
— Мен қуш бўлгим келади.
— Нега?
— Маза қилиб учаман. Учавераман.
— Мен ҳам учаман.
— Йўқ, сен қуёш бўла қол. Мен сенинг атрофингда учаман. Осмонда иккаламиз бўламиз...

«— Осмонда қузғунлар ҳам бор.»

«— Осмонда қора булутлар ҳам бор...»

Бу кимнинг овози?

Болалик хотираларига муҳрланган ўша суҳбатда «қузғунлар, қора булутлар» йўқ эди. Буни кейинроқ англашган. Айниқса ўша айрилиқдан кейин...

Ўша машъум воқеадан сўнг Зоҳид акаси билан ғойибона кўп гаплашди. Жисман ёлғиз қолган кечаларда руҳан акаси билан бирга эди. Фақат... уйланганидан сўнг бу жараён камайди.

Судда ўртоқлари ёлғон гапиришганда акаси билан тун бўйи суҳбат қурган эди. Ўғлининг ёлғиз ҳолда қотиб ўтиришини сезган онаси хавотирланди. Унга билдирмай ўзича чой, қанд олиб бориб домлага ўқитиб келиб, ширин чойлар қилиб ичирди.

Ўша кеча юраги сиқилиб ўтирганида биринчи марта акасининг овозини эшитган эди:
— Сен улардан ранжима. Улар мени ўлдирганлари билан, улар... дўстларим эди. Ёлғон гапиришмаса, оғирроқ жазо олардилар.
— Улар дўст эмас... Бобом китобдан ўқиб берган эдилар, эсингиздами: «Дўстингни енгилроқ севгинки, куни келиб, душман бўлиб қолиши ҳам мумкин». Дўстларингиз шундай бўлиб чиқди.
— Ундай дема. Вақти келганда улар билан битта майизни бўлишиб еганман. Бу... тасодиф бўлди. Ўлдириш ниятлари йўқ эди. Бобомнинг ўқиб берганлари — Ҳадис, унинг давоми ҳам бор эди: «Душманингга ҳам енгилроқ адоват қилгинки, куни келиб, дўст бўлиб қолиши ҳам мумкин...»
— Улар дўст бўлмайдилар.
— Вақти келиб сенга яқин бўлишади.
— Ҳеч қачон! Мен уларни ўла-ўлгунимча кечирмайман.
— Бобомнинг гапларини унутма: мусулмон кечиримли бўлиши керак.
— Йўқ! Улар мусулмоннинг ишини қилдиларми? Улар мусулмонми? Йўқ, кечирмайман!

Акаси ўшанда хўрсинган эди...

Кейин...

Кейин ўқишни ташлаганида ҳам тун бўйи суҳбат қурган эди.
— Сен ўзингча адолат топмоқчимисан? — деб сўраган эди акаси.
— Топаман, ака.
— Йўқ нарсани топиш мумкинми?
— Дунёни фақат зулмат қопламаган-ку, ёруғлик ҳам бор-ку?
— Сен ўзингни ўзинг нобуд қиласан.
— Ҳамма ўзини олиб қочаверса нима бўлади?
— Сен танлаган йўлда юҳолар бор. Илонни ютиб, думини кўрсатишмайди. Сен шундай бўла оласанми?
— Менинг йўлим бошқа.
— Қўй ҳам, бўри ҳам болалигида она сутини эмади. Сўнг... улғайгач, бири ўт ейди, бири эса унинг гўштини... Бўри қўйхонада улғайса ўт ейдими? Зинҳор!
— Мен... бўриманми?
— Йўқ, қўйсан. Бўриларга майсанинг таъми яхшилигини ўргатмоқчисан... Эҳтиёт бўл...

Дил доғланган, бардош боғланган дамлар. Турманинг бир кишилик зах хонаси. Ўлимтик чироқ хира нур таратади. Тунми, кунми, билиб бўлмайди.

Ёлғизлик салтанатининг асири — Зоҳиднинг руҳлари кишанланган.

Ўзининг бу ерга келиб қолиши сабабларини ахтаради.

Акаси билан бўлган хаёлий суҳбатлари ёдига тушади, тушаверади.

Сўнг...

Ташқарида шарпа эшитилди.

Кейин эшик шарақлаб очилади. Ана шу шарпа, ана шу шарақлаш ёлғизлик салтанатини маҳв этади. Сўнг овоз:
— Шарипов, чиқинг.

Чиқинг... қаёққа чиқади? Сўроққами? Ким сўроқ қилади, ўша ажинами?

Сўроқ хоналарини четлаб ўтишди. Буюмларини қайтаришди.
— Озодсиз.

Бунча совуқ оҳангда айтди бу ширин сўзни...

Ташқарига чиқди: офтоб булут билан ҳануз олишади. Кечаси бир сидра ёққан қорни ушлаб қолган дарахт шохлари вазмин чайқалади. Офтоб мўралаган пайтда қор зумрад каби ялтирайди.

Осмондаги юлдузлар Ер юзини чароғон этолмагани каби бу манзара унинг кўнглига чироғ ёқа олмади. Ўзи бунда, озодликда бўлса ҳам руҳи ҳали ҳам бир кишилик қамоқда эди...

У кўчада туриб, қаёққа боришни ўйлади. Бир кўнгли прокурорга кириб «Ходимларингизни шундай хор қилиб қўясизларми?» деб жанжаллашмоқчи ҳам бўлди. Кейин бу фикрдан қайтиб, Саид Қодировнинг ҳузурига йўл олди. «Ҳар қалай мени огоҳлантирган эди, бир нарсани билади у», деб ўйлади.
— Келинг, сизни кутиб турган эдим, — деди Саид Қодиров уни қаршилаб. — Ҳозир сафарга кетишим керак. Мен ҳаммасидан хабардорман. Сиз мендан «Нега бундай бўлди?» деб сўраманг. Мен деярли билмайман. Билганим: Намозов Красноярскга қонунсиз равишда вагонда вино юборган. Москва буни қандай илинтирди — хабарим йўқ. Фаразимча, тўдаларнинг ички низолари акс-садоси бўлса эҳтимол. Балки Ҳосилбойваччанинг ўлими ҳам шу билан боғлиқдир.
— Хўп, энди нима қил дейсиз?
— Ишингизни давом эттираверинг. Сизни ҳеч ким ишдан четлатгани йўқ. Хўжайинларингизга қовоқ-тумшуқ қилманг. Бу ишларда уларнинг қўллари йўқ.
— Мен бир фурсат топиб Элчин билан суҳбатлашсам, девдим.
— Нега?
— Уни танийман. У менга яқинроқ бир одамнинг ошнаси эди.
— Ҳозирча бу ишга аралашманг. Ўртоқлар ўрганишяпти.
— Унда воқеага гувоҳ бўлган одамингиз билан икки оғиз гаплашсам.
— Ҳозир эмас.
— Унда менинг нима керагим бор ўзи?
— Сиз прокуратура терговчисисиз. Ўз ишингиз билан шуғулланинг. Вақти келганда бизга фаол равишда қўшиласиз. Ҳозирча кузатинг, таҳлил қилинг.

Саид Қодиров «гап тамом» дегандай ўрнидан турди.

У «Ишингизни қилаверинг», дегани билан, ишхонасига боришга оёғи тортмади. Такси тўхтатди-да, Ҳамдам Толиповни қоралаб кетди. Бахтига Ҳамдам ишхонасида экан. Сигарет бурқситиб, ёзув машинкасига мук тушганича битталаб ҳарф терарди.
— Ие, кел, прокурор. Кеча тушимга кирувдинг. Буни қара, ўзинг келиб турибсан. Тушимда сенга орден беришибди. Асадбекни ўтқазиб қўйган бўлсанг керак-а?
— Пичинг қилманг, ака, ўзи юрак сиқилиб турибди.
— Пичингмас, ростдан кўрдим. Нима бўлди, ўтир.
— Ҳамдам ака, шу ишингизни ҳозир қилишингиз шартми?
— Дардингни айтавер.
— Ичмоқчиман.
— Гап йўқ. Кетдик, — у шундай деб курткасини кийди.

Ҳамдам «Прокурор қиттак-қиттак отиб дардини айтмоқчи», деб янглишди. Зоҳид бўкиб ичди. Оқибат Ҳамдам уни уйигача опичиб чиқиб, ётқизди. Эрталаб шампан виноси олиб келиб сабуҳий қилдириб, ўзига келтирди. Зоҳид бу кун ишга бормади, ерпарчин бўлиб ётди.

2

Прокуратура терговчиси Зоҳид Шарипов бугун ҳам кўчага чиққиси келмади. Шартта қишлоққа жўнавормоқчи бўлди. Лекин Ботиров тақдири ёдига тушиб, фикридан қайтди. «Бир кун беайб ўтирганимда кўзимга дунё тескари бўлиб кетди. У бечора шунча йилдан бери — азобда», деб ўйлаб, ювиниб-таранди-да, қўшни туман милисахонасига қараб кетди. Икки қаватли милисахона биноси олди баланд темир панжара билан ўралган, бетон ариққа қалин тунукадан қоплама қилинган эди. Бу ҳол нодон кимсанинг соғлом тишлари устидан жез қоплама қилдиришига ўхшарди.

Зоҳид бу ерга Ҳамдам Толипов «Ишкал» деб атаган терговчини излаб келган эди. «Ишкал» лақабли бу одам хонасида экан. У баланд бўйли, озғин, қирра бурунли, оғзи катта одам эди. Оғзи катталигиданми гапирганда тупук сачратарди. У Зоҳиднинг мақсадини эшитиб, дабдурустдан сансирашга ўтди:
— Хўп, нима демоқчисан?
— Айрим нарсаларни сўраб билмоқчиман.
— Мен жиноятчини тутиб берганман. Уни суд қамаган, мен эмас. Қўлингдан келса суд билан гаплаш. Бошимни оғритма.
— Мен прокурорнинг топшириғини бажаряпман,— деди Зоҳид овозини сал баландлатиб, сўнг бу «Ишкал» билан яхшиликча гаплашиш қийинлигини билиб, оҳангни ўзгартирди: — Мен шаҳар прокуратурасининг терговчисиман. Кўчадан келган мишиқи бола эмасман. Марҳамат қилиб, мени сенсираманг. Саволларимга эса тўла ва аниқ жавоб беринг. Агар бу ерда гаплашишни истамасангиз, марҳамат прокуратурада гаплашайлик.
— Энди ука, мендан ранжима, шу ёшга чиқиб, ўзимдан кичикларни сизламаганман. Сизлай олмайман, хафа бўлма, — деб бир оз пасайди «Ишкал».— Энди бу ишни топширибди, деб ҳовлиқаверма. Қамалганларнинг ҳаммаси «бегуноҳман» деб ариза ёзади.
— Қизиғи шундаки, у ариза ёзмаган.
— Унда нега бошни қотирасан?
— Аризани жабрланувчи ёзган. Зўрлаган у эмас эди, деяпти.
— Гапираверади. Қилар ишни қилиб қўйиб, энди қилиқ қиладими? Менга қолса, Ботировни қамамасдим. Тўғри, зўрламаган. Қизнинг ўзи хоҳиш билдирган. Лекин барибир қонун деган нарса бор. Совет ҳокимиятида яшаётганига шукр қилсин. Илгариги замонлар бўлганда тошбўронда ўлиб кетарди.
— Тошбўронга ҳам қози ҳукм қиларди. Гувоҳлар тасдиқ этса, ҳукм қилинарди. Миршабнинг айтгани билан ўлдирилмас эди.
— Хўп, нима демоқчисан? Сўрайдиганингни сўра, фалсафа сўқма менга.
— Жиноятчини таниш маросимида қоидани бузгансиз.
— Нима қилиб бузибман?
— Учта йигитнинг ўртадагиси, куртка кийгани, деб қизни огоҳлантиргансиз.
— Адашиб кетиб бошқа бир бечорани кўрсатмасин, дедим.
— Ботировнинг қўлига кишан солиб уларнинг олдидан олиб ўтгансиз. Таниш маросимида ҳам кишанни ечиб қўймагансиз. Ўша куни қиз сиз айтгандай қилиб, Ботировни кўрсатган. Кейин фикридан қайтган.
— Уни қўрқитишган ёки катта пул беришган.
— Униси ҳам, буниси ҳам бўлмаса-чи? Виждони йўл қўймаган бўлса-чи?
— Виждон? У беҳаёда виждон нима қилади?
— Ундай деманг, қизингиз тенги...
— Сен қизимни орага қўшма! — «Ишкал» шундай деб сўкиниб юборди-да, титроқ бармоқлари билан сигаретни лабига қистириб, тутатди.

Никоҳнинг эртасига уйига қайтарилган, шундан бери учинчи эр билан яшаётган қизини Зоҳид тилга олиб, унинг ярасини янгилади. Бундан бехабар Зоҳид узр сўради. «Ишкал» сигаретни бурқситиб тутатган ҳолда асабий оҳангда деди:
— Сенга ўғил бола гапни айтайми: қўлингдан ҳеч нарса келмайди. Ботиров қамалиши керак эди, қамалди. Юқоридан топшириқ бўлган.
— Қанақа топшириқ?
— Улар жиноий гуруҳ ташкил қилишган. Бошлиғи аварияда ўлди. Булар қамалди. Ўшанда бошқа чора йўқ эди. Балки ҳозир... замон ўзгарди. Эпласанг, чиқариб юборарсан.
— Демак, у айбсиз?
— Мен ундай демадим. Сенга... ҳазиллашдим. Бор энди, бошимни оғритма.

Икки одам ерга баравар қараганда бири кўлмакни, иккинчиси эса ўша кўлмакдаги қуёш аксини кўради. Ҳозир «Ишкал» билан Зоҳид шундай ҳолда эдилар.

3

Зоҳид Ботировни яна сўроққа чақиришдан олдин Неъматиллоҳ алломанинг юртига бориб келишни лозим топди. Аввал Ботиров тасвирлаб берган йўл бўйича қабристонни топди. Ботиров йўлни шу даражада аниқ тасвирлаган эдики, Зоҳид шаҳарда илк бор бўлишига қарамай бировдан «Қабристон қаерда?» деб сўрамасданоқ топди. Кейин кенг йўл, сўнг ўнгга бурилган тор йўл. Ниҳоят... тахтаси олиб ташланган ўриндиқ.

«Ўтириб Қуръон ўқишмасин, деб суғириб ташлашган...»

Ботировнинг гапини эслаб ғашланди. Масжид, мозорларга ҳужум бошланган пайтни яхши билади.

Пайтавафаҳм раҳбарлардан чиққан «ақл»ни майдароқ раҳбарлар байроқ қилдилар. Коммунист фарзандлар ота-оналарининг жанозаларидан қочдилар. Умри ибодат билан ўтган ота-оналар қизил қутига солиб кўмилдилар. «Оллоҳ» дейдиган тиллар қирқилиш даражасига етди. Қариялар «Вой тавба, Сталин ҳам бундай қилмаган эди», деб ажабландилар. Зоҳид эслайди: бир куни устози Ҳабиб Сатторов ҳам зорланиб қолди. «Қанақа замон ўзи бу, отамнинг қабрига бориб гул қўя олмасам? Арафа куни кечқурун борсам ҳам пойлаб юришибди». Шунда Зоҳид бир оз аччиқланиб: «Сиз нимадан қўрқасиз? Коммунист бўлмасангиз, бошлиқ бўлмасангиз», деган эди.

Ўша яқин ўтмишдан тахталари суғуриб олинган ўриндиқнинг темир оёқлари ёдгорлик бўлиб турибди. «Ажойиб ёдгорлик, — деб ўйлади Зоҳид. — Фақат битта лавҳа ёзиб қўйиш керак: «Бу ўриндиқ фалончи райкомнинг аҳмоқлиги туфайли бузиб ташланган...»

Зоҳид қабр тошларидаги ёзувлардан «Неъматуллоҳ» номини излади. Атрофда сомонсувоқ қилинган қабрлар ҳам кўп эди. Ботировнинг гапи бўйича шуларнинг бирида Неъматуллоҳ аллома ётибди. Зоҳид гўрковни топиб ўзини таништирди-да, дафтарини олиб чиқишини илтимос қилди. Сўнг ўша темир оёқ — ёдгорлик ёнига қайтиб бу қабрларда ким ётганини суриштирди. Гўрков бир дафтардаги, бир қабр тепасидаги рақамларга қараб айта бошлади. Тўртинчи қабрни эса дафтарга қарамаёқ айтди:
— Бунда раҳматли Неъматуллоҳ аллома мадфунлар.
— Аниқ биласизми?
— Шундай одамни билмай бўладими?
— Қабрни сиз қазиганмисиз?
— Ҳа, мен.
— Ўша кун эсингиздами? Қуёш чарақлаб турганмиди ё шамолмиди?
— Қишда эди... Аввал роса ёмғир ёғди. Ернинг аталаси чиқиб кетди. Лекин Худонинг қудратини қарангки, гўр қазиётганимизда девор уваланмади. Девори худди сувоқ қилингандай силлиқ чиқди. Лаҳад кавлаётганимда тепадан битта кесакча ҳам тушмади. Бунақасини мен ҳеч учратмаганман. Майитни олиб келишларидан олдин майдалаб қор ёғди. «Таборак» ўқилаётганда офтоб чарақлаб кетди. Бу ҳам Худонинг қудрати.

Гўрков Ботиров айтган гапларни такрорлар эди. Билмаган одам булар аввалдан келишиб олишган дейиши ҳам мумкин эди.
— Алломанинг Шокир Ботиров деган шогирди бормиди?
— Раҳматлининг шогирдлари кўп эди. Мен уларни танимайман. Ўзларини ҳам лаҳадга қўйгач, кафанни очганда кўрганман. Юзларидан нур чақнагандай бўлиб, ҳатто чўчиб тушган эдим.
— Мендан олдин ҳам биров шу гапларни суриштирганмиди?
— Йўқ... Шунга ҳайрон бўлиб турибман-да.

«Ишкалнинг гапи тўғрига ўхшайди, — деб ўйлади Зоҳид. — Мақсад ҳар қандай йўл билан бўлса-да, қамаш бўлган...»

Зоҳид гўрковнинг айтган гапларини ёздириб, имзо чекдириб олди. Гўрков чўчинқираган эди, Зоҳид «Бу кўрсатмангиз алломанинг бир бегуноҳ шогирдини қамоқдан чиқаришда асқотади», деб тинчлантирди. Кейин: «Замон ўзгарди, энди ўриндиқларни тузатиб қўймайсизларми?» деб танбеҳ берди.

Абдунаби қорини топа олмади. У ҳам ўша кунлари ҳибсга олиниб, уйидан «наша чиққани учун» қамаб юборилган экан. «Ишкалнинг гапи тўғри, — деб яна қайта иқрор бўлди Зоҳид. — Бирваракайига олишган. Лекин... Топшириқни бажаришга шошишганми?.. Бири қизни зино қилган, бирида наша... Намозхон одам қиладиган иш эмас-ку бу? Улар учун диндорларни қамаш ҳам, қабристондаги ўриндиқларни бузиш ҳам бир хил вазифа эди. Ҳаммасини бир хилда уддалаганлар...»

Зоҳид Ботировнинг кўрсатмаларига кафил бўлувчи яна икки одам билан учрашгач, Неъматуллоҳ алломанинг уйига борди.

Сочларига оқ оралаган, қадди бироз чўккан, қалин қора қошли, олтмиш-олтмиш учлардаги киши ўзини «Неъматуллоҳнинг отасиман», деб танитганда Зоҳид ажабланди. Чунки Неъматуллоҳ аллома ҳақидаги гапларни эшитиб, уни камида эллик-олтмиш ёшлардаги донишманд, деб ўйлаган эди.
— Ўғлингиз неча ёшда эдилар? — деб Зоҳид ажабланганини яширмади.
— Ўттиз бешда эди, раҳматли, — деди ота армон билан. — Ўлим-ку ҳамманинг бошида бор-а, аммо менинг армоним — боламдан зурриёд қолмади. Уйланадиган дамларида орамиз бузилди.
— Нега?
— Бу ҳам терговга керакми, айтайми?
— Мен сизни тергов қилмайман. Ўзингиз сўз бошлаганингиз учун қизиқиб сўрадим.
— Ҳа, майли, айтсам айтай, зора дардим енгиллашса. «Арпа-буғдой ош бўлди, олтин-кумуш тош бўлди», дейдиган замонлар эди. Топар-тутарим, маишатим яхши эди. Лекин ўшанда «ҳалол топяпманми?» деган савол хаёлимга келмас эди. Неъматжон мактабда аъло ўқир эди. Мактабдан кейин ҳужрага қатнаб, Аълохон тўрамдан дарс олар экан, мен буни билмас эканман. Мен маишатда юрганимда ўғлим охират саройига ғишт қўяр экан. Мен уни Тошкентга олиб бориб, молия институтига бермоқчи бўлдим. Одам топиб, ҳақини бердим. Шундай қилмасам ҳам бўларди, ўз ақли билан кира оларди. Неъматжон масалаларини бирпасда ечиб қўйибди. Дарров топширмай, бир оз ўтирганда домла тушмагур «ишлай олмаяпти» деб ўйлаб, ечилган тайёр масалани бериб, «кўчириб олинг», дебди. Ўғлим орага пул аралашганини билиб, масалани хато ишлаб ташлаб чиқибди. Домла ҳайрон, мен ҳайрон. Мен пулга куйишни истамайман, домла пулдан қуруқ қолишни хоҳламайди. Сан-манга бориб турганимизда Неъматжон «Дада, бу пулни қайтариб олманг, у ҳаром пул» деди! Оғзим ланг очилиб қолди, денг. Ўғлимнинг қандай одам бўлганини ўшанда билибман. Уйга боргач, ота-бола орасида анчагина гап қочди. Охири ўғлим фарзандлик одоби чегарасида чидаб туролмади. У ерга қараб туриб, «Дада, сиз бизга ҳаром едиряпсиз, бу ишдан кетинг!» деди. Бу гапни мен ҳозир хотиржам айтяпман. Ўшандаги ҳолимни тасаввур қилиб кўринг: кўзимга қон тўлди. Эс-ҳушимни йўқотдим. «Кўзимдан йўқол!» деб бақирдим. Битта кўйлак-шимда чиқиб кетди болам, бояқиш. — Ота шу ерга келганда босиб келаётган йиғини қайтариш учун ютинди. — Ўшанда мен бир нарсани билмасдим. Ўғлим Оллоҳга, мен эсам шайтонга имон келтирган эканман. — У яна тин олди. Сўнг армон уммонида сузиб, гапини давом эттирди. Зоҳид унинг сўзларини бўлмай, жимгина тинглади. — Луқмони Ҳакимдан сўраган эканлар: «Одам зотига қайси иллатлар зиён келтиради?» Луқмони Ҳаким жавоб берибдилар: «Одам зотига ярашмайдиган иллатларнинг энг биринчиси — манманликдир, унинг оқибати — завол билан тугайди. Иккинчиси — нодонлик. Бундай кишиларни ҳеч ким одам қаторига қўшмайди. Учинчиси — таъмагирлик. Бу иллат инсон зотини хору зорликка олиб боради». Менда шу уч иллатнинг баридан бор. Биласизми, жаноза куни кўчага эмас, маҳаллага одам сиғмай кетди. Бўлмаса ўшанда одамлар жанозадан қочадиган вақтлар эди. Турнақатор одамларга қараб мен уялдим. Битта кўйлак-шимда чиқиб кетган ўғлим одамлар орасида шу даражадаги эътиборга эришган экан.
— Ўша бўйи кўришмаган эдингизми?
— Йўқ, кўришардик. Уйга тез-тез келиб турарди. Фарзандлик одоби чегарасида турарди. Лекин... уйда овқат емасди. Бундан аччиқланардим. Бизни онаси муросага келтириб турарди. Болам дунёдан ўтгунча пешонам бир марта саждага тегмади. Ҳеч бўлмаса охирги келишида ёнида туриб намоз ўқисам эди... кўнгли тоғдай кўтарилармиди? Мендан рози бўлиб кетармиди... Тўғри, жон бериш олдидан «Ота-онамдан розиман», дебди. Лекин беҳисоб армоним бор... Қиёматда кўришамиз, у жаннатга, мен эса дўзахга кетар чоғимизда кўришамиз, ана ўшанда мен унинг кўзига қандай қарайман? Мен боламни уйдан ҳайдаганимда ўзимни дўзахга ҳукм қилган эдим...

Шу ерга келганда ота чидаб туролмади. Киприклари ёш селини тўса олмади. у узр сўраб ўрнидан туриб, ҳовлига чиқиб кетди. Ўн-ўн беш дақиқадан сўнг қайтиб, яна узр сўради.
— Прокурорман дейсиз-у, ҳеч унақа одамга ўхшамайсиз. Нима учундир сизга ёрилгим келди. Бир нима сўрамоқчи бўлсангиз, тортинмай сўранг.

Зоҳид мақсадини айтган эди, отанинг юзлари ёришди. «Ўғлимнинг энг содиқ, энг иқтидорли шогирди эди. Ғассолнинг ёнида ўзи бўлган», деб гапириб, айтганларини ёзиб ҳам берди.

Зоҳид сафари унумли бўлганидан қувониб, изига қайтди.

XVI боб

1

«Вақт — қиличдир. У сени ҳар куни қиймалар. То қиймалаб тамом қилгунига қадар севиб қолишга улгур».

Зайнаб улгуролмади. Муҳаббат — қамоқ. Муҳаббат— қийноқ. Унинг қалби муҳаббат омбурига банди эди. Унинг азобидан қутулиш қийин эди, қутула олмади. Унинг аввал умидини бўғизладилар — суймаганига узатдилар. Бунинг учун кимни айблашни ҳам билмайди. Ўзининг лақмалиги туфайли ўғирланишиними ё отасиними?.. Зайнаб Элчиннинг мақсадини кейинроқ фаҳм этди. Фаҳм этса-да, уни кечира олмади. Айниқса, Жамшид «ўлдирилганидан» кейин ундаги сўнгги умид чўғи ҳам сўндирилди. Ғамли кечаларда оҳининг қуюни осмонни ўрнидан қўзғотай деди. Кўз ёшлари селининг аждаҳоси ер юзини ютиб юбораёзди.

Ҳаммаси бефойда...

Ҳатто...

Унинг чиройли бўйнига маҳтал бўлган сиртмоқ иккинчи марта доғда қолди.

Балки...

Дейдилар-ку, «Бахт водийсига бахтсизлик саҳросидан ўтиб борилади. Шундай қилинмаса бахт водийсига етгани билинмай қолади».

Унинг бахт водийсига етиб бормоғи мумкинми ўзи?

Бахт нима ўзи? Бахт борми бу дунёда? Бахтнинг ҳиди, ранги борми? Уни ким татиб кўрибди? Ширин нарсанинг ҳаммаси бахт бўлаверадими? «Бахт нима?» деган саволга ким тўғри жавоб бера олган?

Авваллари бахтни турлича тасаввур этарди. Ҳозир тафаккурида бахт деган тушунча умуман суриб чиқарилган.

Атир идишининг қопқоғи очилиб қолса, ҳиди учиб кетади, қадри йўқолади. Аёлнинг номуси ҳам шундай...

Бирон бир аёл хиёнат кўчасига кирса, эридан (Худодан эмас!) қўрқади. Оиласи бузилишидан чўчийди. Ўйнашининг бағридан чиқиб, болачасини боғчадан олиб, эрига ширин таом тайёрлаб ўтиради. Зайнаб у тоифадан эмас. Эридан ҳам, оиласи бузилишидан ҳам қўрқмайди. Унда қўрқув йўқ, нафрат бор. Нафрат ўқи бировга эмас, ўзига қаратилган.

Ажаб ҳол: суйгани билан хаёлан қучоқлашса, жингалак сочларини суйиб силаса... ҳам ўзидан ўзи уяларди, баъзан ожизона бўлса-да нафратланар эди. Кейин хаёлидаги ҳолати ўнгида содир бўлди... Ўша суйгилиси билан эмас, бутунлай бегона билан...

Айтадилар-ки, фоҳишалар ҳаётида уч марта уялар экан: дастлаб шу йўлга кирганда, иккинчи марта пул олишида, учинчи марта эса қариган чоғида ёш хушторига пул берганида...

Зайнаб учун уятга ўрин йўқ, унда нафрат бор. Унинг йўли фоҳишалар ёки эрига хиёнаткорлар йўли эмас. Унинг йўли — нафрат йўли. Унда меҳр чечаклари ўсмас. У ўтиб келган муҳаббат сўқмоғини эса сассиқ алафлар босиб кўздан йўқотди.

Ёш жувон муҳаббатдан узоқлашса — ёмон...

Жамики эркак зотига нафрат билан қараса — ёмон...

Дунёдан ёлғиз ўтишни мақсад қилиб қўйса — ёмон...

Зайнаб ёлғиз азоб чекарди. Ёнида тирик жон бўлишини истамасди. У ҳатто Чувриндининг хотинини ҳам сиғдиролмай қолди. Унинг меҳрибонликлари ҳам ёқмади. У кетгач, бир оз енгиллашгандай бўлди, аммо бир неча соатдан сўнг ёлғизлик зулмати уни баттар эза бошлади.

Хаёлим чалғирмикин, деган мақсадда телевизор қўйди. Телевизорда қўшиқ айтаётган қизнинг тасвири кўринди. Қизнинг кўзлари маъюс боқарди, ашуласи ҳам ҳазин эди:

Хазон бўлган боғда гул сўлармикин...

Сўлган гулга булбул кеп қўнармикин...

Қўшиқдаги нола Зайнаб юрагининг фарёдига ҳамоҳанг эди. Шу боис уни охиригача эшита олмади. Телевизор каналини ўчириб, видеокассета қўйди. Ҳинд киносини томоша қила бошлади. Аввал яхши кўриб томоша қиладигани энди ғашини келтира бошлади. Актёрларнинг қилиғидан жаҳли чиқди. Йигит кўз ёшлари тўкаётган қиз қаршисида онт ичаётганда ғазабга миниб, қўлидаги ёқиб-ўчиргич қутичани отдида, ҳовлига чиқиб кетди.

Ҳовлида довдир одам каби нима қилишини билмай гангиб турди. Совуқ шамол эсиб ўрик шохларини тарк этгиси келмаётган баргларни бандидан узиб, тўзитди. Кеча Чувриндининг хотини супуриб-сидириб кетган бўлса-да, ҳовли неча ҳафтадан бери супурги кўрмагандай ҳолатда эди. Зайнаб ўзини овутиш мақсадида супургини қўлга олди. «Кўча ҳам бир бало бўлиб ётгандир», деб аввал кўчадан бошламоқни ният қилиб, дарвоза эшигини очди.

Зайнаб супура туриб, уч-тўрт хонадон наридаги симёғочга суянганича сигарет тутаётган йигитга кўзи тушди. Унинг ўзи томон қараб-қараб қўяётганидан шубҳаланди. Кўчани чала-ярим супуриб ичкари кирди-да, эшикни қулфлади. Кейин «қўшниларникига келган одамдир», деб ўйлаб ўзини овутди. Ҳовлини супурган бўлди. Ўзи топган баҳона ўзини овута олмади. Тўпланган ахлатни челакка солди-да, эшикни очиб, кўчага чиқди. Чиқди-ю, ўғринча қаради: йигит турибди. Сал нарида машина ҳам пайдо бўлган. Зайнаб қўлида олиб чиққанини қатор турган ахлат тўла челаклар ёнига қўйди-да, тез изига қайтди. Эшикни қулфлади. Юраги қўрқувдан дукиллаб ура бошлади. Эшик яхши қулфландими, деб тортиб кўрди. Сўнг шошганича уйга қайтди-да, болохонага телефон қилди. Адаси йўқлигини билади, Асадбек табибникига кетаётиб, қизини йўқлаган. Бир неча дақиқалик йўқловда кўп гап айтолмади: сафарга кетаётгани, қайтгач Зайнабни Олмонияга тўйга юборажагини айтиб, «Ёлғиз кўчага чиқма», деб тайинлади. Ҳозир рақамларни терар экан, «Адам бир нимадан хавотирланган эканлар-да», деб фикр қилди. «Балки қайтгандирлар», деган ниятда отасини сўради. «Бек акам сафардалар», деган жавобни эшитгач, Маҳмуд акасини сўради-да, айни жавобни олди. Шундан сўнг «Тезда Ҳайдар акамни топиб айтинглар: уйимиз атрофида ғалати одамлар юришибди», деди. Телефондаги йигит «ғалати одамлар»га тегишли айрим саволларни сўраб билгач, «Эшикни ҳеч кимга очманг», деб тайинлади.

Ярим соатлардан сўнг эшик қўнғироғи кетма-кет жиринглади. Чақирувчи бунга қаноат қилмай, дарвозани тақиллатди. Зайнабнинг эсхонаси чиқиб, ўрнидан қимирлай олмай қолди.

Ажаб ҳол: яқиндагина ўлимдан қўрқмаган, ўзига ўзи сиртмоқ ясаган жувон нотаниш кимсаларнинг ташрифидан қўрқиб ўтирса...

У уйдан чиқиб, ҳовли ўртасига етганда қўрқиб, яна тўхтади. Шунда таниш овозни эшитди:
— Зайнаб қизим, менман, оч.

«Ҳайдар акам!»

Тез-тез юриб, эшикни очди.
— Сен уйингга кириб тур, қизим, — деди Кесакполвон остона ҳатлаб.

Унинг важоҳатини кўриб, Зайнаб чўчиди, салом беришни ҳам унутди. Кесакполвон ҳам «Менга салом бермади-я?» деб ўйламади. Ҳозир унинг хаёли бошқа муҳимроқ масала билан банд эди. Шу сабабли буйруғини такрорлади.
— Сен уйингга кириб тур. Бизнинг ҳаммомда қиладиган ишимиз бор.

Зайнаб хўп, деб изига қайтди. Зинадан уйига кўтарилар маҳалида беихтиёр орқасига қараб, оғзи-бурни қон, қўллари орқасига қайрилган йигитларни кўриб юраги увишди. Уйга кириб «Шулар юзини ювса керак», деб ўйлади. У бир неча кун муқаддам «Ялта» музокараси бўлгани, бу музокарада Ҳосилбойваччанинг айрим йигитлари қатнаша олмаганидан бехабар эди. Красноярга Козлов изидан кетган бу йигитларни Чувринди кутиб олиши зарур эди. У Москвага кетиб, бу вазифа унутилди. Оқибатда бу йигитлар Хонгирейнинг вакили ихтиёрига ўтиб, унинг топшириғи билан пойлоқчилик қилишаётганди. Бундан икки мақсад кўзланган эди: бири — Козлов шу ерга ҳам келиши мумкинлиги бўлса (буни ҳақиқатдан йироқлигини ўзлари ҳам билишади), иккинчиси — асосийси — Зайнабни пойлаш, буйруқ берилса, гаровга олиш. Бу мақсаднинг амалга ошуви кўп жиҳатдан Москвадаги музокараларга, Хонгирейнинг қарорига боғлиқ эди. Зайнаб гаровга олинди, деган гап— уруш бошланишидан дарак. Уруш эса кўп қурбонлар берилса-да, мағлубият билан тугаши аниқ. Зайнабнинг бахтига, ҳа-ҳа, бахтига Хонгирей урушни ихтиёр этмади.

Ҳаммомда давом этган «Ялта музокаралари»нинг хулосаси шу бўлдики, Ҳосилбойваччанинг йигитлари пойлоқчиликларини давом эттираверадилар. Улардан бирининг ўғли, бирининг укаси, яна бирининг синглиси гаровга олинади... Агар Зайнабнинг бир толагина сочи тўкилса...

Кесакполвон айнан шундай деди:
— Агар Зайнабнинг бир толагина сочи тўкилса...

Шундан кейингина ювиниб олишга ижозат этилди.
— Мен рухсат бермагунимча ҳаммомдан қимирламаларинг, — деб Кесакполвон Зайнабнинг ёнига чиқди.
— Дўнги қизим, тез нарсаларингни йиғиштир, бизникига борасан. Ғаламисларнинг кўнглида шумлик бор. Зийраклик қилибсан. Юра қол, ўртоғинг ҳам уйда. Зерикмайсан.

Зайнабнинг пешонаси сал дўнг бўлгани учун Кесакполвон уни болалигидан «Дўнги қизим», деб эркаларди. Ҳозир ҳам эркалаб гапиргани учун Зайнаб ортиқча савол бериб ўтирмади. Бир сидра кийимларини олиб, тайёр бўлди.

Зайнабнинг ўрнига бу уйда Кесакполвоннинг йигити қолди.

Ҳосилбойваччанинг йигитлари эса Зайнабнинг «бир толагина сочи тўкилишидан» қўрқиб, пойлоқчиликни давом эттиришди.

2

Асадбекнинг хасталигини билгандан бери Кесакполвон оромини йўқотди. Узоқ йиллар мобайнида елкама-элка турган дўстининг бирдан йўқлик дунёсига кетиши Кесакполвондай бемеҳр одамда ҳам икки турдаги ташвиш уйғотди. Бири яқин инсондан айрилиш ташвиши бўлса, иккинчиси (муҳимроғи) унинг ўрнини эгаллаш. Кесакполвон мана шунга тайёр эмасди. Аниқроқ айтиладиган бўлса, у ўзини Асадбекдан кейинги мутлақ ҳоким деб ҳисобларди. «Чувринди укагинаси»нинг улғайиб, ҳокимлик даражасига етганлигини шу пайтгача фаҳм этмаган эди. Назарида «Чувринди укагинаси» — у нима деса «хўп» деб турадиган мўмин бола эди. Асадбекнинг тобора унга суяниши, айниқса, кейинги воқеалар унинг кўзларини очди, ҳушёр торттирди. Ана ўшанда у яна бир нарсани ўзи учун кашф этди: ўйлаб қараса, Асадбекдан ҳукмронлик жиловини олишга тайёр эмас экан. Бу ўринда гап фақат унинг иш юритиши устида кетаётгани йўқ. Иш юритишни бип-бинойи эплайди. Энг муҳим гап— ёнида кимларнинг бўлишида, яъни ишончли, садоқатли одамларда! Энди «Чувринди укагинаси»ни ҳисобга қўшмаса ҳам бўлади. Асадбек уни меросхўр, ўз мамлакатининг валиаҳди сифатида кўришни истаса, «Чувринди укагина»си бу истакнинг таъмидан баҳраманд бўлса, тамом, у эл бўлмайди. Ҳокимиятни Кесакполвон қўлга олгач, «укагинаси» — байъат берган тақдирда ҳам унга ишона олмайди. Энди Жамшид ҳам гумон остида. Аввало Жамшид Хонгирей хизматида доимий қоладими ё вақтинча юрибдими? Келган тақдирда ҳам «Чувринди укагина»си «Бек акамдан сени мен қутқариб қолдим», деб ишонтирган бўлса-чи? Жамшид унга ишонади. Чунки у бу тўдага Кесакполвоннинг «Чувринди укагина»си орқали кирган... Тўғри, Кесакполвоннинг содиқ йигитлари бор, бу ёқда Хумкалла, яна Ҳосилбойваччанинг йигитларидан Рамз... Булар бир ишни қойиллатиб бажариши мумкин, аммо унинг ёнида аъён даражасида тура олишмайди.

Кесакполвоннинг ташвиши мана шунда. Юрса ҳам, турса ҳам шуни ўйлайди.

Ҳосилбойваччанинг пойлоқчи йигитларини қўлга олиши у турган тарози палласини бир қадар оғирлаштирди, ўз таъбири билан айтганда, ошиғини олчи турғазди. Бир томондан Асадбек олдида тили узун бўлди: ахир қизини сақлаб қолди-я!

Энг муҳими...

Энг муҳими, ўзига маслакдош, аъён топгандай бўлди.

У ўзининг келажагини ўйлаганида Зайнабни ҳисобга қўшмаган эди. Чунки Зайнаб унинг учун ҳали ҳам дўнг пешона қизалоқ эди. Кейин ўйлаб қараса, отаси ўрнига Зайнаб ҳам даъвогар бўлиши мумкин. Бу— Кесакполвон учун муддаонинг ўзи. Худди шоҳ ўлганда вояга етмаган валиаҳд ёнида турган вазир каби мамлакатни бошқараверади. «Чувринди укагина»си қулоғини ушлаб қолаверади.

Кесакполвон Зайнабнинг бир йил ичида кўрган-кечирганларини батафсил билмаса-да, кўп нарсалардан хабардор, баъзиларини сезади, айрим нарсаларни тахмин қилади. Ғилай Шомил дастлабки учрашувда айтишни истамаган бўлса-да, Москвага жўнашидан аввал уч-тўрт дақиқа ёлғиз қолишганида Ҳосилбойваччанинг ўлимига сабабчи воқеанинг бир улушини айтиб, бойвачча ўлдирилган кеча маишат қилишган уй бекасини ҳимоялашини сўради. «Мардона менга как хотин. Ундан битта болам бор. Асадбек уни ўлдиради. Менга бир нарса бўлса, уни асранг», деб илтимос қилди.

Зайнабдан фойдаланиш фикри Кесакполвонда ўшанда туғилди.

У ҳали Зайнабнинг аҳдини, нафрати мавжудлигини билмас эди.

Аввал нафрат уйғотмоқчи бўлди. Нафратни уйғотиш учун эса... отасининг аҳволидан огоҳ этмоқчи, сўнг эса отасининг ишларига аралашмоққа даъват этмоқни фикр қилди.

Уйга келгач, кузатди: Зайнаб унинг қизи билан очиқ-сочиқ гаплашмади. Асли исми Моҳинисо бўлса-да, ўзига ўзи Моника деб ном қўйиб олган бу қизнинг ёши Зайнабдан каттароқ, бўйдан ҳам, ақлдан ҳам отасига тортган эди. Иккита бола кўрганига қарамай ўзини ўн олти ёшли қизалоқ ҳис этарди. Кийиниб юришлари шундан далолат эди. Кесакполвонни, унинг қизини билган одамлар «Ҳайдар ака қизини куёвга узатмади, аксинча бир лапашангга уйлантирди», дейишарди. Миш-мишларга қараганда, икки боланинг отаси айнан шу куёв тўра экани ҳам гумонли ҳол эди.

Кесакполвон Зайнабга «Ўртоғинг ҳам уйда» деганида «кеча» ёки «бугун келди» демади. Чунки қизи уззукун шу ўз уйида эди. Кечки пайт эри келиб олиб кетарди. Уйга боргиси келмаганида эса у «мазам йўқ», деб қолаверарди. Эр бечора шўлтиллаб келиб, овқатни еб, шўлтиллаб кетаверади. Агар бирорта сеҳргар урғочисига етишолмай юрган итга «Сени одамга айлантираман, аммо шу куёвдай бўласан», деса ўша ит кўнмаса керак.

Энди нима учун Зайнабнинг Моникага ҳуши йўқлиги аён бўлгандир. Очиғини айтганда, Моника хоним ҳам Зайнабни унча хушламайди. «Маданиятсиз, қишлоқисифат», деб бурнини жийириб қўяди. Аммо бу қишлоқсифат кимнинг қизи эканини эслаганида жилмайиб муомала қилишга мажбур бўлади.

Сочларига жингалак қилувчи тақинчоқлар осиб олган, спорт кийимидаги Моника хоним Зайнабга кўзи тушиши билан «топган вақтини қара», деб бир бурнини жийирди-ю, лекин сир бой бермай ЮЗ йиллик қадрдонини МИНГ йил кўрмай, соғина-соғина адо бўлаёзган одамдай қувониб, қулоч ёйиб қаршилади.
— Вой Зайнабушка, жоним, асалим, — деб ўпиб кўришди. — Келганинг яхши бўлди, сартарошни чақиртирувдим, сенга ҳам причёска қилиб қўяди. Бунақа класс сартарош шаҳарда битта.
— Раҳмат, сочим ўзи яхши, — деди Зайнаб, юзини ундан буриб.
— Ты что, ҳозир бунақаси модний эмас.
— Олдин уйга олиб кир, дастурхон ёз, кейин сочдан гаплашасан, — деди Кесакполвон, қизига танбеҳ бериб.

Кесакполвоннинг хотини ҳам ўзига яраша, ўхшатмасдан учратмас, деган тоифадан эди. Бўйи эриникидан икки энликкина баланд бу аёл ўзини дунёдаги ҳамма одамлардан устунроқ деб фаҳмларди. Ҳатто опаси билан кўришаётганда ҳам «Сен ҳам одаммисан?» дегандай беписанд қараб қўйиш одати бор эди. Зайнаб билан кўришаётганда ҳам бу одатини канда қилмади. Манзура ўзини камтар олиб юргани, содда бўлгани сабабли бу хотин Асадбекка яқин одамларнинг хотинларига норасмий қайнона ҳам эди. Барча хотинлар унга қараб, титраб туришади. Қариликни бўйнига олмаётган бу хотин ҳам қизига қўшилиб баробар пардоз қиларди. Кесакполвон хотини билан ётмай қўйганига неча йил бўлган, эслолмайди. Хотин тушмагур эса пардозини қўймайди. Эр ҳам «Сен кимнинг кўзига чиройли, ёш кўринмоқчисан?» деб сўрамайди. Бу хонадондаги хизматчи аёл эртадан кечгача она-боланинг айтганларини бажараман, деб ҳолдан тойиб кетади. Кесакполвон ўйнаш алмаштиргани каби булар хизматчи алмаштиришдан чарчашмайди. Тўғрироғи, буларга хизматчи чидамайди. Агар бирорта олим буларга темирдан хизматчи ясаб берса, бу ҳам ярим кунда эриб тамом бўлса керак.

Саломлашиш маросимидан сўнг ташрифдан «бағоят мамнун» эканликларини баён этишгач, дастурхон тузоғлиқ кичик меҳмонхонага бошладилар.

Зайнаб бу хонадонга кам келган, аммо ҳар келганида уйнинг ҳашамларига, безакларига маҳлиё бўлиб боқиб, «Нега адам шунақаларга эътибор бермайдилар», деб отасидан ғойибона ўпкаланарди. Бу сафар ундай бўлмади — ҳашамларга ҳам, тўкин дастурхонга ҳам айтарли аҳамият бермади.

Кесакполвон хотинини чақириб, Зайнабнинг бир-икки кун шу ерда туражагини тайинлаб кетгач, дастурхон атрофидаги суҳбат асосан кийимлар оламидаги янгиликлар хусусида бўлди. Гап орасида Моника хоним фақат ўзига хос фазилатни ҳам айтиб ўтишни унутмади.
— Мен любой кийимни бир марта кир бўлгунича кияман. Ювиб, дазмол қилинган кийимнинг запахини терпет не могу. Эски кийимларимни интернатга бераётувдим. Так как савоб ҳам керак-ку, да, жоним, — деб Зайнабга мурожаат қилди. Зайнаб энсаси қотса ҳам бош ирғаб, «ҳа» ишорасини қилди. — Янги директорша келиб, қабул қилдирмабди. Слишком модний эмиш. Болаларга мумкин эмасмиш. Допустим, ўзинг деревеншинасан, вкусинг — нол! Қўйиб бер бошқаларга. Энди бермайман, плеват қиламан мен унақа паразитга.
— Аввалгисининг қилиғини гапириб бер.
— Да, чут не забыл, — деди Моника хоним. Рус тилидан дуруст илми бўлган Зайнаб унинг эркакчасига «забыл» дейишга ғаши келди. — Аввалги директорша, битта-иккита платямни бериб, қолганини комиссионкада соттирар экан. Вот паразит-а?

Шу хилдаги гаплар Зайнабнинг кўнглини беҳузур қилди. Ёлғизликни хоҳлаб қолган, ҳатто Чувриндининг хотинидай мулойим, меҳрибон аёлга тоқат қила олмаган Зайнабни Худо жазога лойиқ билиб, буларга рўпара қилдимикин, валлоҳи аълам?

Дам ўтмай хонага сочларини силлиқ тараган, хипчиндай йигит кириб келди.
— Зайнабушка, таниш асалчигим, бу Гогик, сартарошмас, класс! — деди фахр билан.

Гогикнинг ярим таъзим билан узатилган қўли муаллақ қолди, Зайнаб унга бош ирғаб қўя қолди. Гогикнинг дастурхон атрофида бемалол ўтиришидан маълум бўлдики, у оддий сартарош эмас, балки бу уйнинг эрка меҳмонларидан. Агар туҳмат ва ғийбат гуноҳи кабиралар сирасига кирмаганида, биз бу гуноҳдан қўрқмаганимизда «Гогик шу қадар эрка меҳмонки, қуввати етса она-болани олдинма-кейин кўнглини овлаб ҳам кетарди», демоғимиз ҳам мумкин эди. Яна ким билади, валади зинонинг оиласида, ҳаромдан қайтмас одамнинг хонадонида бундан баттар ҳолат ҳам бўлмоғи мумкин эмасми?

Икки кишининг валақлашига аранг чидаб ўтирган Зайнаб учинчиси қўшилгач, тоқат қила олмади.
— Мазам йўқ, дори ичиб бирпас ётадиган вақтим бўлди, — деб баҳона қилди.
— Юр, менинг кабинетимга, — деди Моника хоним.

Дори масаласида Зайнаб алдамаган эди. Моника хонимнинг хонасига кириб нарсаларини қарасаки, шошилинчда дорини унутиб қолдирибди.
— Қўявер, ничего страшного, — деди мезбон. — Бир кун ичмасанг ичмабсан. Чарчагансан. Сенга видик қўйиб бераман, кўрсанг нервларинг успокоит бўлади. Зўр секс бор, кўрамизми?
— Йўқ, йўқ, — деди Зайнаб уни тўхтатиш учун қўлидан ушлаб. — Ҳечам кўрмайман.
— Жуда ҳам отсталийсан-да, асалчик. Обижатся қилмагину сен худди ўн тўққизинчи векнинг одамига ўхшайсан. Кўзингни очиб қара: ҳозир йигирманчи век. Ҳамма кўради бунақани. Бу идиотизм эмас, бу— искусство. Мен буни болаларимга ҳам кўрсатаман...
— Қўйинг, керакмас, мен кўрмайман.
— Вот, дурочка, как хочеш. Бўлмаса ётиб, дамингни ол. Постелим янги, ҳар куни янгиси солинади.

У шундай деб чиқиб кетди.

Зайнаб турган ерида туриб қолди. Унинг чойшаби алмаштирилган ўрнига қараб қўйди-ю, ўтиришга ҳам ирганди. Ҳайдар амакисига эргашиб келавергани учун ўзидан ўзи ранжиди. «Нима бўлса ҳам уйимда қолаверишим керак эди», деб ўзига ўзи танбеҳ берди. Бу хонадондан чиқиб кетишга баҳона излай бош- лади.

Чиндан ҳам айб ўзида. Қўрқув ақли-ҳушини олиб қўйиб, амакиси «юр» деса етаклаган ювош қўйдай келаверди. Бу она-боланинг бемаъни, бетаъсирлигини билмасмиди?

Биларди. Сартарош Гогикдан бошқа ҳамма нарса, барча қилиқлар унга маълум эди. Шундай экан, бировдан ўпкаланишга ҳожат йўқ...

У хонада бўзчининг мокисидай у ёқдан бу ёққа юраверди. «Ҳайдар амаким келсалар дорини баҳона қилиб кетаман», деб фикр қилди.

Кесакполвон шомга яқин келди. Кечки овқатни еб бўлишгач, у алмойи-алжойи гапларини бошлаган хотини билан қизига «Бошқа хонада ўтирларинг», деб чиқариб юборди. У боя Зайнабни уйига қўйиб чиққанидан сўнг тайин бир иш билан машғул бўлмади. Балки, Зайнаб билан қай тарзда суҳбат қуриш режаларини ўйлади. Кесакполвон «Агар шу фурсатдан фойдаланмасам, ғирт аҳмоқ бўламан», деган қатъий фикрда ҳаракатини бошлашга аҳд қилган эди.

Ҳозир Зайнаб билан ёлғиз қолганида гапни нимадан бошлашни билмай тараддудланди. У ўз услубига хиёнат қилмаган тарзда «Аданг касал, тузалмайдиган касал, сен отангнинг ўрнини эгалла, мен ёнингдаман», деса ҳам бўлаверарди. Унинг дафъатан сўз очолмаслигининг икки сабаби бор: авваламбор дангал, қўпол гапи билан уни ҳуркитиб, чўчитиб қўйиши, иккинчидан — ножўя гапини Зайнаб отасига айтиши мумкин. Ана унда иш расво бўлади. Ана унда газетачилар тили билан айтилганда «Давлат тўнтаришига уриниш муваффақиятсизликка учрайди».

Кесакполвоннинг жимлиги кўпга чўзилмади. Гапни узоқдан бошлади.
— Аданг Сибирда шамоллаб келиб, вақтида даволанмади, ўжар-да, ўжар. Минг марта айтдим унга, касалхонага ёт, деб. Табибга кетгани яхши бўлди. Ишқилиб, ўша ердан тузалиб қайтсин.

Зайнабга бу гап ғалати таъсир этиб, Кесакполвонга ялт этиб қаради. У отасининг йўталиб турганини биларди, аммо тузалмас хасталикка йўлиқиши мумкинлигини ўйлаб ҳам кўрмаган эди. Кесакполвон ундаги ўзгаришни илғаса-да, ўзини сезмаганга олиб, гапини давом эттирди:
— Адангнинг касали оғир. Аданг ўжар. Сал ўтказиб юборди. Яна касалини ҳаммадан яширмоқчи. Мен билан Жалил амакингни қўявер, сендан, онангдан ҳам яширган. Фақат Маҳмуд аканг билади. Мен ҳам тасодифан билиб қолдим... Нимага яширади? Нима, битта у касалми? Тирик жон, ҳамма касал бўлади, ётиб даволанади. Мен ўша табибни қидириб топдим. Бу касални фақат ўша табиб даволар экан. Дўхтирларнинг ўзи ҳам тан беришаркан унга.
— Қанақа касал? — деб хавотир билан сўради Зайнаб.
— Бу шунақа касалки... — Кесакполвон чайналди.— Ғалати касал, оти эсимда йўқ, аммо тузалиши сал оғирроқ эканми-эй...

У «Отангнинг касали — рак» дейишга тили бормади. Шундай бўлса-да, Зайнаб унинг дилидаги гапни уқиб, бирданига ҳўнграб йиғлаб юборди. Кесакполвон «Майли йиғлаб, кўнглини бўшатиб олсин», деб индамай ўтирди. Сўнг пешонасини, сочларини силади. «Дўнги қизим», деб эркалади. Зайнаб сал овунгандай бўлиб, ёшли кўзлари билан унга боқди. Илтижо қилди:
— Ҳайдар амаки, жон амакижон, «Нотўғри айтдим», денг. «Билмасдан айтдим», денг. Ахир бундай бўлиши мумкинмас-ку?!
— Чиндан ҳам билмасдан айтдим, дўнги қизим. Сен гапимни бошқача тушундинг шекилли. Аданг табибдан қайтса, ўзинг ҳам сўрайсан. Фақат мендан билганингни унга айтма. Қайсарлиги тутса, сенга ҳам ҳеч нима айтмайди. Менга ишонмасанг, Жалил амакингдан сўра. У табибга аданг билан бирга кетган. Энди сен билан иккита нарсага келишиб олишимиз керак. Биринчиси, Манзура телпон қилса, унга айт, адангни кутмасдан тўйни ўтказиб, келаверсин. Катта тўй шу ерда бўлади.
— Нега энди? — деб ажабланди Зайнаб. — Адам бормайдиларми?
— Аданг борадиган бўлса, Манзура билан бирга кетарди.
— Мени ҳам юбормоқчи эдилар.
— Сен ҳам борма.
— Нега?
— Сенинг бошқа ишларинг бор. — Кесакполвон шундай деб бир оз сукут сақлади. Зайнаб «қандай иш экан?» деб унинг оғзини пойлади.
— Сенга бу гапни ҳозир гапиришимнинг балки ўрни эмасдир. Лекин қачондир айтишим керак. Олдинроқ билиб қўйганинг яхшироқми, дейман. Сен фақат гапимни тўғри тушунгин. «Адам эрта-индин ўлиб қолар экан», деб ваҳима қилма. Лекин аданг ҳам, мен ҳам яна ўн йил яшаймизми, юз йилми, барибир бир куни ўтамиз. Ўрнимизга эса кимдир қолиши керак. Афсуски, менинг ўғлим йўқ. Қизимдан эса бир иш чиқмайди. Сен эса ақллисан, адангга ўхшайсан. Акаларингдан ҳам умид йўқ. Энди улар — олим. Биздаги кооператив-мооперативларга, магазинлардан тушадиган чўталларга қарашмайди. Аданг жуда кўп иш қилган. Бизнинг шунча тўплаганимиз соврилиб кетаверадими? Соврилмаслиги учун сен адангнинг қанотига кир. Ишни ўрган, кейин секин-аста ишни ўз қўлингга ол! Шунга ҳаққинг бор! Сен чўчима. Ёнингда мен борман, Маҳмуд аканг бор.

Зайнаб бу гапларни эшитиб, ҳайратланди. Чунки Зайнаб ўзини эмас, дилидаги маъсума, пок Кумушбибини, унга қўшиб ишончини, гардсиз эътиқодини осган куни отасига «Уларни ўзимга қўйиб беринг!» дегани шунчаки алам тутуни эмас, қасос ўтининг ёна бошлагани эди. Не шодки, бу ўтни аланга олиши учун мой сепувчи одам топилди. Зайнаб неча кундан бери қасос йўлига қандай кириш, қандай жанг қилишни ўйларди. Унинг йўлидаги биринчи қурбон Мардона бўлиши керак эди. Сўнг... Мардонани ишга солган одамлар...

Зайнаб мана шуларни ўйлади-да, Кесакполвон учун ҳеч кутилмаганда:
— Хўп, амаки, — деди.

Кесакполвон бу гапни эшитиб, нима дейишни билмай қолди. Чунки у Зайнабдан рад жавобини кутган, шунга яраша гап тайёрлаб қўйган эди. У бир неча нафас ҳукм сурган ҳайронлик исканжасидан қутулиб:
— Баракалла, дўнги қизим, мен сенга ишонган эдим, — деди. Сўнг қўшиб қўйди: — Кўз ёшларингни арт. Асадбекнинг қизи йиғламаслиги керак... адангнинг касалини эшитганларнинг баъзилари жанозани ўқишганга ўхшайди. Уларнинг жанозалари ўзларига буюради. Мен ўзимнинг жонимни берсам ҳам, адангни сақлаб қоламан. Жалил амакингга ҳам шунақа деганман, сўраб кўр. — У бир оз сукут сақлади-да, кейин дадил овозда давом этди: — Билмаганлар билиб қўйиши керак: Асадбек ўлмайди! Айниқса, сен адангнинг ёнида турадиган бўлсанг сира-сира ўлмайди!
— Айтганингиз келсин, — деди Зайнаб кўз ёшларини артиб.

Айни дамда бу дунёнинг дастлабки сўқмоғида қоқилган, ҳали ҳаётнинг паст-баланд кўчалари, аламлари, ситамларидан бехабар жувон билан ёвузлик дунёсидаги янтоқзорларни ялангоёқ кезиб катта бўлган одам ўртасида ғойибона битим тузилаётган эди. Кесакполвон дастлабки алам-ситам тузини тотиб, фарёд ураётган жувонни ўз дунёсига чорлаётган эди.
— Дўнги қизим, сени биров ранжитса, мен борман. Сенинг кўз ёшинг сира ҳам тўкилмаслиги керак. Мен бошингга тушган кулфатларни сал-пал биламан. Энди бунақаси бўлмайди.

Зайнаб «Ростдан биласизми? Адам айтдиларми?» дегандай ялт этиб унга қаради. Бир оз уялиб, юзи қизара бошлади. Лекин ўзини тезда қўлга олди: йиғлаши мумкин бўлмаган Асадбекнинг қизи уялмаслиги ҳам шарт!
— Амаки, гапингиз рост бўлса, менга бир одамни топишга ёрдам беринг, — деди у қатъий равишда.

«Жамшидни айтади шекилли? Жамшиднинг тириклигини билармикин?» — деб ўйлади Кесакполвон.
— Ёрдам берасизми? — деб қайта сўради Зайнаб.
— Албатта ёрдам бераман, айт, кимни топиб берай?
— Бир хотинни.
— Хотинни? Оти нима экан?
— Мардона. Мен касалхонада ётганимда у ҳамшира эди.
— Мардона дегин?.. — Кесакполвон Ғилай Шомилнинг Москвага кета туриб айтган гапини эслади. Унинг нимадан хавотирда эканини энди сал тушунгандай бўлди. — Мардонани нима қиласан?
— Уни... ўлдираман! — шундай деб Зайнаб муштларини сиқди.

Кесакполвон унинг важоҳати ўзгарганини сезиб, аҳди қатъий эканини англади. Бу ҳам унинг учун муддаонинг ўзи эди.
— Мардона керак бўлса, топамиз-да, — деди Кесакполвон, сўнг ўрнидан туриб телефон гўшагини кўтарди-да, лозим рақамни терди. Аёл кишининг овозини эшитгач: — Алло, Мардона, сенмисан? — деди. «Йўқ, мен сингиллариман», деган жавобни эшитгач, «Опангни чақир», деди.

Буни эшитган Зайнаб ҳанг-манг бўлиб қолди. У «Мардона аллақачон қайси бир шаҳарга қочиб кетган, уни бир ойми, бир йилми қидириш керак», деб ўйларди. Худди тушда содир бўлгандай бир дақиқада топилиб турса?.. Зайнаб шунисига тушуна олмади. Умуман олганда, у тўғри фикр юритган эди. Мардона бошқа шаҳарга жўнашни ихтиёр этганда Ғилай қўймади. Аввалига «Сен қўрқаётган Асадбек бугун-эрта инига кириб кетади», деди. Кейин эса, Чувринди ихтиёрига ўтиб имкон тополмади. Шу сабабли ҳам Кесакполвондан уни эҳтиёт қилишни сўраган эди. Қўйни бўрининг қўлига топшириб кетаётганига унинг ақли етмади.

Мардона у томондан гўшакни олди шекилли, Кесакполвон Зайнабдан кўзини узмаган ҳолда гапирди:
— Алло, Мардона, ўзингмисан? Шомилбек Масковдан телпон қилмадими? Менга бир гап айтиб кетувди. Ҳа, қулоғингга айтаман. Ҳозир бораман, кутиб тур.

Гўшакни жойига илиб, Зайнабга «Хўш, ана, топдим. Энди нима қиласан?» дегандай қаради. Кейин Зайнабнинг ажабланаётганини кўриб изоҳ берди:
— Ҳосилнинг Ғилай Шомил деган югурдаги бўларди. Мардона ўшаники. Ҳосил отилган кун бир борган эдим.

«Ҳосил отилган кун? Ким отди?» — деб ўйлади Зайнаб, аммо саволини тилига чиқармади. Чунки у Ҳосилбойваччанинг исминигина эшитган, ўзини эса кўрмаган эди. Отилган вақти, сабабини билиш унинг учун айтарли шарт эмасди.
— Қани, борамизми? — деди Кесакполвон.
— Билмасам... — деди Зайнаб қатъиятсизлик билан.
— Бўшашма, дадил бўл! Сен Асадбекнинг қизисан. Биринчи қадамда лалайсанг, иш пачава бўлади. Тур, кетдик!

Йўл-йўлакай Кесакполвон Зайнабга қасос олиш йўлларини ўргатди, қасос олишдан кейинги ҳузурни таърифлади.

3

Зайнабни кўргач ҳайратдан лол қотган Мардонанинг аҳволини тасвир этмоққа қалам ожиз. Ҳа, аввал ҳайратланди, сўнг бу ҳайрат ўрнини қўрқув сели эгаллади. Ҳатто аъзойи-баданидан жон чиқиб кетгандай бўлди.

Ҳосилбойвачча отилган куни Ғилай Шомил бу ерга Кесакполвонни бошлаб келиб, туни билан маишат қилгач, эрта саҳарда Мардона ётган хонага кирган эди.
— Иш бузилди, — деган эди у афсус билан. — Шеф инига кириб кетди. Мен билан келган пакана янги шеф. Тайёрланиб тур, сени бошқа ёққа кўчираман.

Бир неча кундан бери Шомилнинг келишини, бошқа ёққа кўчиришини кутарди. Кутгани келмай, кутмагани келди. У ҳожасининг истаги билан кўп қизларни игнага ўтқазди, яъни гиёҳвандга айлантириб берди. Кўп бокира, аммо алданган ёки қўрқитилган қизларнинг номуси ҳам шу уйда булғанди, бедарак йўқолган ёш қизларнинг сўнгги излари ҳам шу уйда қолган. Бу ишлар кимгадир фожиа бўлиб туюлиши мумкин, ким учундир даҳшат, аммо Мардона учун бу оддий, эътибор беришга ҳам арзимайдиган воқеа саналарди. Эсини йиғиб, ўз номуси учун курашмоқчи бўлган қизларни «Бахтинг келганда маишат қилиб олсанг-чи, қаерда бузилдинг, ким бузди, сенга барибир эмасми? Маишат қилиб, пулини шилсанг-чи?» деб койир эди. Улар бир кунмас бир кун ёқамдан олар ёки кўкрагига ўлим фариштасининг бемеҳр юрагини жойлаб келар, деб ўйламаган эди.

Тўғри, Зайнаб топширилганда дастлаб чўчиди. Иш орқага қараб кетгач эса қўрқа бошлади. Бекор қўрқмаган экан, мана, ўлим фариштасининг номи билан келиб турибди.
— Зайнаб, айб менда эмас, буюришди, — деди Мардона титроқ овозда.
— Ичкарига кир, — деб буюрди унга Кесакполвон, кейин «Дадил бўл», деган маънода Зайнабни секин туртиб қўйди.
— Ичкарига кир! — деб бақирди Зайнаб.

Бу бақириқ Мардонага «Сенга ўлим!» деган ҳукм маъносида эшитилиб, эсхонаси чиққан ҳолда тисарилди.
— Уйда ким бор? — деб сўради Кесакполвон.
— Бир қиз... сизга... Ўғлим...

Кесакполвон орқада турган йигитга қаради:
— Боласи билан қизни бир хонага тиқ, — деб буюрди.
— Нима қилмоқчисизлар? — деб йиғламсиради Мардона.
— Гаплашиб оламиз. Ётоқхонангга кир!

Қўрқувдан титраб-қақшай бошлаган Мардона буйруқни бажарди. Улар олдинма-кейин ётоққа кирдилар.
— Мана, қизим, бу ифлос сеники. Пичоқда тилиб ташлайсанми, отасанми, ўзингнинг ишинг.
— Менинг айбим йўқ, — деб чинқирди Мардона жон ҳолатда. — Менга буюришди.
— Ким буюрди? — деб сўради Зайнаб. Энди у ҳам титрай бошлаган эди. Мардонани қўрқув, жон аччиғи, Зайнабни эса қасос, нафрат ўти титроққа солган эди.
— Менга Шомил ака, Шомил акамга Ҳосил ака...
— Баланд дорга осиляпсан, — деди Кесакполвон. — Ҳозир Ҳосил акангни кўрасан.
— Йўқ! — деб қичқирди Мардона.
— Амаки, сиз чиқиб туринг, — деди Зайнаб.

Кесакполвон Зайнабнинг қўлига пичоқ тутқазиб чиққач, Мардона ўзини ерга ташлаб, уввос тортиб йиғлади:
— Боламга раҳмингиз келсин, Зайнаб. Тавба қилдим, кечиринг.
— Мендан олдин ҳам қилганмидинг бу ишни? — деб сўради Зайнаб.

Эшик орқасидаги Кесакполвон худди Асадбекнинг овозини эшитгандай бўлди. Ҳарҳолда овоз Зайнабники, оҳанг эса Асадбекники эди.
— Яширмайман, бўлган бу ишлар. Мен фақат буйруқни бажарар эдим.
— Сен ўлишинг керак, — деди Зайнаб унинг кўзларига қарамасликка ҳаракат қилиб.
— Зайнаб, кечиринг...
— Қўлларингни чўз! — деб буюрди Зайнаб. — Игна санчадиган қўлларингни чўз.
— Нега, Зайнаб?
— Кўрмоқчиман, менинг кўкракларимни ҳам шу қўлларингда эзғилагансан-а? Чўз деяпман, мен бир кўрай, қонлимикин бу қўллар.
— Қон йўқ, тоза, — деб қўлларини чўзди Мардона.

Шунда Зайнаб пичоқни бир силтаб унинг билагини тилиб ташлади. Мардона чинқириб юборди. Тирқираб отилган қонни кўрган Зайнаб ҳам қўрққанидан бақирди. Бу овозларни эшитган Кесакполвон шошилиб ичкарига кирди. Зайнаб йиғламсираб бошини унинг кўксига қўйди.
— Уни ўлдир, — деди Кесакполвон. — Унга қара, қўрқма, ўлдир! Агар сенинг ўрнингда у бўлса бирпасда ўлдириб қўяди. Сен уни қийнаб ўлдир!
— Йўқ, ўлдиролмайман, — деди Зайнаб йиғламсираб.
— Агар ҳозир ўлдирмасанг, кейин ҳеч қачон қилолмайсан бу ишни.
— Йўқ, амаки, қўлимдан келмайди...
— Унда қараб тур, — Кесакполвон шундай деб Зайнабни Мардона томон қаратди-да, унинг қўлидан пичоқни олди. Мардона ўзини ҳимоя қилишга улгуролмай ҳам қолди. Кетма-кет урилган пичоқ зарбидан омонатини топширди.

Биринчи марта пичоқ урилгандаёқ Зайнаб хонани тарк этди. Кўчага чиқиб, машинага ўтириб олди. Дир-дир титрай бошлади.

Зайнаб «Асадбекнинг қизи» бўлиши ҳаргиз мумкин эмасди.

Кесакполвон билан йигит ярим соатлардан кейин чиқишди. Йигит болачани ёстиқ билан бўғаётганида Кесакполвон дўмбоқ қизни татиб кўрди. Шу билан қутуламан, деган қиз ҳам ёстиқда бўғилди.

Машина ўрнидан жилгач, Кесакполвон керишиб қўйди-да:
— Бугун бир-ир савоб иш қилдим. Бу дунёни иккита шилтадан тозаладим, — деди.

Тасодиф шуки, Мардона пичоқланган куни Москвада Ғилай Шомил ҳам ўлдирилди.

XVII боб

1

Қош қорайиб, овқат пишгач, Ҳабиб Сатторовни онасининг уйига чақирдилар. Келини келтириб қўйган мошхўрдани тез-тез хўриллатиб ичиши Рисолат кампирга ёқмади.
— Мунча ҳовлиқиб ичасан, уйингга шошяпсанми?— деди у, кейин бир пичинг билан ўғлини «узиб» олмоқчи бўлди: — Ойтовоқ хотининг «тез келинг» деганмиди?

Ўз хаёлларига банди бўлган Ҳабибга бу пичинг таъсир этмади, оддий савол ўрнида қабул этиб, осойишталик билан жавоб қайтарди:
— Шошаётганим йўқ, ойи, мошхўрда қайноқ экан. Бугун кетмайман, қоламан.
— Мошхўрдани сал совугандан кейин ичса, мазали бўлади, ҳовлиқма. Хотининг нимага келмади?
— Ҳайронман, келмоқчи эди. Келиб қолар.
— Келиб бўпти. Қайниси ўлиб кўк ҳам киймади. Бегонага ўхшаб келиб-кетиб юрди.
— Ойи, қўйинг эски гапларни, энди аҳил яшашимиз керак. Мен яқинда яна Москвага кетаман. Энди кўпроққа кетаман. Ўша ерда ишлайман.
— Шошилма, аввал мен ўлай, кейин қаёққа борсанг бор.
— Ойи, бормасам бўлмайди, унақа деманг. Келинингиз қолади.
— Уни қара-я! Ўша ойтовоғинг менга қарарканми? Жағимни боғларканми? Кетавер, ўлигим кўчада қолмас, мен ўлсам шу Хонзода қизим кўмади.

Хонзода она-бола орасида гап қочаётганини билиб, чойни янгилаб келиш баҳонасида ташқарига чиқди.
— Сен бола, илмдан бошқа нарсани ўйламайсан ҳеч? — деб аччиқланди кампир. — Хонзода энди менга ким? Ҳеч ким! Барака топсин, қараб турибди. Эрта-индин биров оғиз солса, эрга тегади-кетади. Ёш жувон кўчада қолмайди. Сен қўрқма, мен узоқ яшамайман. Ҳар куни уканг тушимга кириб чақиряпти...
— Ойи, қўйинг, — деди Ҳабиб, косани нари суриб.
— Жаҳл қилмай, овқатингни ич. Пешонам асли шўр экан. Анварим тирноққа зор ўтди. Сенга яхши хотин учрамади. Жим бўл, ёнини олма.
— Ёнини олаётганим йўқ. Хўп ойи, сиз нима десангиз шу. Эрталаб сизни уйимга олиб кетаман.
— Бекор айтибсан. Бу уйда аввал аданг раҳматликнинг руҳи кезиб юрарди. Энди у Анварим билан биллалашди.

Ҳабиб Сатторов шу зайлдаги дам жаҳл аралаш, дам аламли, дам ҳасратли гапларга қўшиб овқатини ичди. Яна бир оз гаплашиб ўтиргач, Рисолат кампир:
— Қоладиган бўлсанг, укангнинг уйига чиқ. Хонзодам менинг ёнимда ётади, — деди.

Ҳабибнинг нияти ҳам шу эди. Онасини икки ёноғидан ўпиб, ташқарига чиқди.

Ҳовлида бир оз турди.

Ҳаво худди туғолмай қийналаётган хотинга ўхшайди. Ёғса ёға қолмайди, очилса очила қолмайди. Тунд бўлиб киши юрагини сиқади. Ҳабиб Сатторов юрти қуёшини соғиниб келган эди, аксига олиб ҳаво ҳам уни тундлик билан қаршилади. Англиянинг тумани, Москванинг рутубатидан безган эди. Ҳеч чекмайдиган одамнинг бирдан чеккиси келди. Хаёлини чалғитиш учун атрофига қаради. Ҳаммаёқ ютаман деб турибди. Анвардан сўнг ҳовли ҳам ҳувиллаб қолгандай эди. Ҳовлидаги бирон дарахтнинг шохлари кесилса ҳам ўрни сезилиб турганда, бутун бошли бир одамнинг йўқлиги билинмайдими?

Ҳабиб Сатторов бир неча дақиқа мақсадсиз, маънисиз тургач, оғир қадамлар билан бир-бир босиб Анварнинг уйи томон юрди.

Ўша етим уй, ўша бир оёғи каноп билан боғланган етим стол, етим қалам, дафтарлар...

Беихтиёр дафтарлардан бирини олиб варақлади.

«...Во ажаб! Одамнинг заҳари илонникидан кучли эканини билмабман. Бугун ноолим, ноакадемик Холидий деган аблаҳ устоз Ҳикмат Ўролов номини булғаш учун бир арава ахлат ағдарди. Мақоласи билан газетани ҳам ҳаром қилди. Қузғун бургутни ахлат титишда айблади. Устознинг уйларига бориб зўр бир ривоят эшитдим. Бир куни буни шеър қилишим керак. Мана у:

«Луқмони ҳаким йўлда бораётсалар бир уйдан нола эшитилибди. Кирсалар хаста одам оғриқларга чидаёлмай дод дер эмиш. Табиблар келиб, уни бугун-эрта ўлади, дейишибди экан. Луқмони ҳаким хастанинг билак томирини ушлаб кўриб дебдиларки: «Дардингизга даво бор. Илон заҳри сизга шифо бергай». Хаста дебдики: «Илон заҳрини мен қайдан топай? Бир бедаво бўлсам... Ё мени шу аҳволда ташлаб кетаверасизми? Оллоҳ менинг зоримни эшитиб, Луқмони ҳакимга рўбарў қилганида эди, у зот мени ташламас эдилар». Луқмони ҳаким бу нолани тинглаб айтибдиларки: — «Зинҳор ташламасман». Хуллас, ҳазрат Луқмони ҳаким илонзорга бориб бир ёшроқ илонни бўғзидан бўғиб турибдилар. Шунда илон иттифоқо тилга кирибди ва дебдики: «Эй инсон фарзанди, сен нечун мени бўғаётирсан? Оллоҳнинг менга берган жабрлари камми эди?» «Оллоҳ сенга қандай жабрлар қилди?» деб сўрабдилар Луқмони ҳаким. «Мени кўримсиз қилиб яратди, одамлар кўрсалар мендан қочадилар. Мени ертубан қилиб қўйди, судралиб юришга маҳкум этди. Энди сен мени бўғиб, жонимни оларсанми?» Луқмони ҳаким дебдилар: «Шундай қилмасам бир одам ҳаётдан кўз юмар». Илон дебди: «Ажаб! У одамни сақлаб қолмоқ учун мени ўлдирасанми? Ахир у ҳам Оллоҳнинг бир махлуқи, мен ҳам. Бир жонни сақлаб қолмоқ учун иккинчисини маҳв этмоқ шартми? Эй инсон боласи, сен айт: мен бировни чақсам, менинг заҳримни даф эта оласанми?» Луқмони ҳаким айтибдилар: «Ҳа, даф эта оламан». Илон дебди: «Унда менинг заҳрим кучли эмас экан. Дунёда шундай заҳар борки, сен уни зинҳор даф эта олмассан!» «Қандай заҳар? Қора қуртникими?» — дебдилар Луқмони ҳаким. «Э, йўқ, — дебди илон. — Дунёда энг кучли заҳар — одамнинг заҳри. Бунга даво йўқтур. Одам одамни чақса, албатта, ўлим ҳақдир! Оллоҳ биз — илонларни тубан қилиб яратди. Аммо биз бир-биримизни чақмаймиз. Сиз — одам болаларини юқори қилиб яратди, сиз бир-бирингизни чақиб ўлдирасиз. Сен жонини сақлаб қолмоқчи бўлган хастага менинг заҳрим даво эмас, янглишма. Уни ўз дўсти чаққан. Унинг заҳрига даво топа олмассан. Бунга ҳатто Луқмони ҳаким ҳам даво топмагай. Қўй, у ўлаверсин, азобларидан қутула қолсин...»

Холидий қанча одамни чақди? Яна қанчасини чақади? Унинг шогирдлари-чи? Бургут полапонини баланд қоялардан ташлаб, мағрур парвоз қилишни ўргатар экан. Қузғун эса боласига ахлат титишни ўргатади. Холидий қузғуннинг институтдаги шогирди — болаларидан нимани кутиш мумкин? Мен улар билан олишайми? Сўнг... мендан ҳам ахлат ҳиди келиб турса...»

Ҳабиб Сатторов бу сатрларни ўқиб, ўйланиб қолди: «Калласи жойида эди, балога ақли етарди. Бу дунёга нима учун сиғмай қолди, ҳайронман. Улар ахлат титса титаверсин, сен титма. Баланд учавер. Мана Соҳиб Пўлатов ҳам шунақа хилидан. Мен у билан олишиб вақтимни зое ўтказишим керакми? Мени ишдан бўшатиши — чаққаними? Тупураман мен унинг ўзига ҳам, чақишига ҳам. Англиядаги китобим чиқса ўлади куйиб, тўлғониб, ўзини ўзи чақиб ўлади...»

Дафтардаги сўнгги ёзув шу эди. «Ўлимидан аввал ёзган шекилли», Ҳабиб Сатторов шундай деб ўйлаб олдинги ёзувларга кўз ташлади. Арабий ёзувли бир неча саҳифанинг ҳошиясига битилган шеърий сатрлар диққатини тортди:

«
Менда ажиб ҳолдир азизим,
Тилим забун, лолдир, азизим…
»


«
Ассалом, ҳар дилдан қувғинди андуҳ!
Ассалом, ҳеч кимса суймас изтироб!
Кўникиб кетмиш-а сенга бу тан, руҳ,
Ўқиш бисёр бўлди сени бобма-боб…

Гулчеҳра Нур шеърларидан.
»
<бr>

Ҳабиб Сатторов шеърнинг руҳини англамади. «Шеър ёзиб бошини қотирмаганида аллақачон диссертатсия ёқлаб, олим бўлиб кетарди», деб ўйлади-да, дафтарни яна варақлади:

«Ҳурлик ниманинг эвазига берилди? Қонлар эвазигами? Жонлар эвазигами? Жон беришга тайёр азаматлар борми бу улуғ Туркистонда? Хумоюн Мирзо хасталигида табиб Бобур Мирзога «Энг қадрли нарсангизни атанг», деганда шоҳ Бобур «Энг қадрли нарса — жоним, жонимни берайин», деган экан. Хаста она Туркистонга ким жонини фидо қилади? Ўлимдан қўрқмас, ботир ўғлонлар наҳот бутунлай қирилиб битган? Бу қандай ҳаёт ўзи? Кун бор — қуёш йўқ, осмон бор — юлдузлар йўқ. Ватан бор — ватанпарвар йўқ. Бешикдан тобутга етгунича ҳамма пионер — кашшоф. Ўрусия нима деса, «Доим тайёр!» деб турамиз. Ватан арзонга сотилди, сотиляпти... жуда арзон...

Аммо... бу узоқ давом этмайди. Ботир ўғлонларнинг руҳи қайтади ота юртга! Қадимгидай зўр давлат бир кун бўлажак! Ана ўшанда келажакдаги ботирлар биз — хоинларни лаънатлайдилар. Бизнинг руҳларимиз уларнинг лаънат тошлари остида эзилади. Шундай бўлиши керак! Биз шунга лойиқмиз! Бундан баттарига-да лойиқмиз! Алихонтўра Соғуний домла айтган эканлар:

«Агар ўзбеклар ошнинг атрофига бирлашгандай бирлашганларида эди, аллақачон эркка эришган бўлар эдилар».

Мен бу ақлли сатрларга озгина таҳрир киритмоққа жазм этаман:

«Агар ўзбеклар тўпланиб, тўй-маърака ошига ошиққанлари каби имонга ошиққанларида эди, мустақилликка шубҳасиз эришардилар.

Улуғ Туркистонни фақат имон бирлаштиради.

Вақт бўлдики, Туркистон имондан узоқлашди. Оқибатда мустаҳкам бир давлатнинг ярмини Ўрусия, ярмини Хитой эгаллаб олди. Ҳозирги ҳар икки давлатнинг қизил байроқлари мусулмонларнинг қони ила қизармишдир.

Оталарининг хато-камчиликларини такрорлаган авлод — нодондир.

Имонга қайтинглар дейилса, айримлар Ўрта асрга қайтамизми, дейди. Қани эди, ўша асрларга қайтилса-ю, хоразмийлар, берунийлар, темурлар етишиб чиқса. Ўрта аср мусулмончилиги дунёни нурафшон этди, ақл билан бойитди. Агар Беруний ернинг думалоқлигини кашф этмаса, Европа бунинг уддасидан чиқа олармиди?..

Ўз тарихини бузувчи кимдир? У ўз ота-онасини ўлдириб, пишириб еган фарзанд кабидир... Бундайлар қаро ер бағрига қайси юз билан борарлар?..»

Бу фикрларни ўқий туриб, Ҳабиб Сатторовнинг юраги ҳаприқиб кетди. У укасининг қалбида шунчалар дард борлигини билмас эди. Била олмас ҳам эди, чунки у бундай туйғулардан анча узоқ эди. Унинг логарифмлар билан тўла миясида бундай фикрларга ўрин йўқ эди.

«Савол:
— Дунёда барча нарсадан ғолиб нима?

Жавоб:
— Ақл.

Савол:
— Бир нарса борки келади-кетади, аммо кўриб бўлмас, ушлаб бўлмас, бироқ келиб-кетганини билиб турамиз, бу надир?

Жавоб:
— Бу — замондир!

Ҳа, замон! Қонли замон, қотил замон! Ўзбекнинг содда йигитлари ҳарбийга олиниб, темир тобутларда тантана ила қайтариляпти. Ақл эса жим... Афғондан келган тобутлар кўп. Мусулмон йигитга қурол бериб мусулмонларга қарши урушга ташларлар. «Доим тайёр!» Энди эса уриб ўлдирилган йигитларнинг мурдалари кела бошлади.

«Нима қилиб қўйдим мен, эвоҳ...

Ахир бахтга бердим-ку озор...

Кўзларимдан сачрайди минг оҳ,

Вужудимга кўчади мозор...»

Ўз фарзандларининг шафқатсизларча ўлдирилишига бефарқ қаровчи халқ қандай халқ экан!!!

Ҳурлик ва хўрлик... Ёзилишда фарқ биргина ҳарфда. Бу фарқни йўқотиш учун нелар керак экан?..

Хаста руҳни ўлдириш мумкинми? Билмайман. Ҳарҳолда шунга ҳаракат бор. Эски шаҳардаги тарихий жойларнинг бузилишидан мақсад шу бўлиши керак. Босқинчи Ўрусия аскарларига қарши партизанлик уруши олиб борган азаматларнинг маркази бўлган жой бузилиб, ўрнига баҳайбат меҳмонхона қурилиб, унга «Москва» деб ном берилди. Бу ерларда қанча мусулмонларнинг қони тўкилган эди. Нима, бу тасодифми? Мозорлар устидан йўл солиш, мозорлар ўрнига кинотеатрлар қуриш ҳам тасодифми? Ёки меъморнинг калтабинлигими? Йўқ, бунинг замирида кучли сиёсат бор... Хаста руҳни ўлдириш сиёсати...

Биз шаҳидлар руҳини оёқ ости қиляпмиз...»

Шу ерда яна арабча ҳарфларни ўқий олмай, пастки сатрларга кўз югуртирди:

«Бу — «Оли Имрон» сурасидан. Собитхон айтиб эди, мен ёзиб олдим. Шаҳарни Ўрусия аскарларидан ҳимоя этиб шаҳид кетганлар руҳига мос туюлди менга. Маъноси «Аллоҳнинг йўлида қатл бўлганларни ўликлар деб ҳисобламанглар. Балки улар тирик. Лекин сизлар сезмайсизлар...» Чиндан ҳам улар тириклар. Биз эса буни сезмаймиз. Шу даражада бефаҳм авлодмиз.

Шаҳидлар: «Парвардигор йўлида шаҳид бўлиб, сўнг тирилсам, яна шаҳид бўлиб, яна тирилсам, сўнг яна шаҳид бўлсам», деб орзу қилар эканлар.

Бизнинг орзуимиз нима? Қорин тўқлиги. Тинчлик... Тинчликни нотўғри тушунамиз. Озод, ҳур, эркин юртга тинчлик керак. Истибдоддаги мамлакатга-чи?.. Жиҳод, жиҳод керак. Қайси бир китоб қаҳрамони «Озодлик ёки ўлим!» деган экан. «Ҳуррият ёки ўлим!» дейдиган замонлар келарми?..»

Бу фикрлар Ҳабиб Сатторовга оғир туюлиб, ҳазм қила олмади. Дафтарни ёпди. Ҳовлига чиқиб бир айланиб келди. Онасининг уйида чироқ ўчибди. Азадор хонадонда радио-телевизор қўйилмагани учун барвақт ётишган эди. Ҳабиб Сатторов ҳам чарчаганини ҳис қилди. Уйга кириб ётди. Уйқу босиб келса-да, ухлай олмади. Кўзи илинди дегунча юраги ҳаприқиб уйғониб кетаверди. Ўрнидан туриб ўтирди, яна ётди. Бўлмади. Яна турди. Меҳмонхонага чиқиб оёғи чўлоқ столга яқинлашди.

Шунда...

Шунда дераза ёришиб, нур оқиб кирди. Қулоғи шанғиллади. Сўнг майин овоз эшитилди:
— Бизни кутмаганмидинг?

Ҳабиб Сатторов юрагига қўрқув оралаб, атрофига олазарак боқди.
— Сен бизни кўра олмайсан.
— Кимсиз? — деб беихтиёр пичирлади Ҳабиб Сатторов.
— Қўрқма, биз сенга фақат яхшилик истаймиз.
— Кимсиз? — деб пичирлади яна Ҳабиб Сатторов.
— Биз бошқа сайёраданмиз.
— Қайси сайёрадан?
— Сизлар Чаён юлдузлар туркуми, деб атайсизлар. Биз эса Зурру деймиз. Зурру — нур ўлкаси дегани...
— Бўлиши мумкин эмас.
— Мумкин. Деразага қара!

Ҳабиб Сатторов деразадан оқиб кираётган нурга қараб укасини кўрди. Жиннихонадаги сўнгги тунни бедор ўтказаётган Анвар чойшабни олиб йиртди-да, арқон қилиб эшди. Сўнг эшик томон юрди. Остонага етганида изига қайтди. Қоғоз-қалам олиб ёзди.

Шу онда Ҳабиб Сатторов яна ўша овозни эшитди.
— Нима ёзганига қизиқяпсанми?
— Ҳа.
— Ўқиб берамиз:

«
Бошгинамга ағанаган катта тоғлар, алвидо!

Мен кетарман ҳасратланиб, руҳи соғлар, алвидо!
Бу дунёнинг шўришига навниҳоллар тебранинг,

Эслироқ боғбони йўқ, қолди боғлар, алвидо!

Асқар Қосим
»

Овоз тинди. Анварнинг ҳаракати эса давом этди. Бўйнига сиртмоқ солаётганда Ҳабиб Сатторовнинг лаблари титради. Осилганича типирчилаётган укасини кўргач, «Анвар!» деб додлаб юборди. Кафтлари билан юзини тўсиб ҳўнграб-ҳўнграб йиғлади. Куни билан келмаган йиғи энди селдай босди. Йиғлаб-йиғлаб кафтларини юзидан олиб, яна деразага қаради. Нур йўқолмабди.
— Нима истайсизлар мендан? — деб пичирлади у.
— Уканг билан гаплашишни хоҳлайсанми?
— ...

Сукут ризолик аломати сифатида қабул этилиб, ҳозиргина типирчилаётган укаси ўрнида, оппоқ либос кийиб олган, акасига кулимсираб қараётган Анвар кўринди.
— Ака, яхши келдингизми? — деб сўради у.
— Анвар, жон укам, нега ундай қилдинг? Ҳеч бўлмаса ойимларни ўйлашинг керак эди.
— Ойимни кутяпмиз.
— Ундай дема.
— Сиз ҳам келасиз.
— Бекор гап!
— Ишдан ҳайдашибди-ку?
— Ишдан ҳайдашса нима қилибди. Калламдан илмни суғуриб олишолмайди-ку?
— Ака, келинг, бу ер яхши...
— Бекор гапларни гапирма...

Анвар чекиниб, таниш овоз эшитилди:
— Уканг тўғри айтади. Биз сени зўрламаймиз. Ўзинг руҳан тайёрланиб келасан.
— Йўқ! Йўқ! — Ҳабиб Сатторов шундай деб яна кафтларини юзига босди. Бир неча нафас шундай тургач, кўзларини очди: нур йўқолибди. Ҳаммаёқни сукунат босган. Ўзи терга ботган, лаблари титради. У бир оз гангиб турди-да, шошилиб уйдан чиқди.

Тунни ҳовлида бедор ўтказди. Совқотиб кетса ҳам уйга қайтиб кирмади.

Келини тонгда туриб ювингач, уни саволга тутди. Хонзода Анварнинг дераза олдида қотиб туришини айтгач, ҳайратланди.

«Бу не сир-синоат бўлди?» деб боши қотди.

2

Ҳабиб Сатторовнинг бир кечада кўзлари киртайганини кўрган хотини безовталаниб:
— Ҳа, адаси, тинчликми? — деб сўради.
— Тинчлик, — деди Ҳабиб Сатторов тўнғиллаб, — нега бормадинг?
— Қизингиз ўқишдан иситмалаб келди...
— Қизим ёш гўдак эмас-ку, дори-пори бериб, бориб келсанг бўларди. Сен туфайли мен эзилишим керак. Анварни нимага айтмадинг?
— Ишга бораман, деб турувдингиз, ортиқча ҳаяжонланманг, девдим.
— Ҳе, сендақа меҳрибонни... — Ҳабиб Сатторов анчадан бери қилмаган ишини қилди: хотинини бўралаб сўкди. Хотини бундан ранжиб, бир кўтарилмоқчи бўлди-ю, эрининг феъли бошқачалигини фаҳмлаб, ўзини тийди.

Ҳабиб Сатторов тунги воқеа нима эканига жавоб топа олмади. У қўшниси, физика билан шуғулланувчи олим дўсти Умар Бахтиёровга учрашишни хаёл қилиб, азонлаб келган эди. Умар Бахтиёров биоқувват, пара-психология ҳақида унга баъзан гапириб қоларди. Бу маърузалар Ҳабибга ёқмасди. Ҳар икки тушунчани ҳам ғайрифан деб ҳисобларди. Бир куни шундай деганда Умар Бахтиёров пичинг билан:
— Худди совет олимларига ўхшайсиз, — деган эди.
— Совет олими бўлмай кимман? — деб ажабланган эди Ҳабиб Сатторов бу кинояни англамай.
— Парапсихологияни фақат совет олимлари инкор этишади. Бу фанни бутун дунё ўрганади, — деб куюниб изоҳ берган эди у.

Тунги воқеадан сўнг Ҳабиб Сатторов биринчи бўлиб шу қўшнисини эслади. Бахтига Умар Бахтиёров уйда экан. Сочлари умуман тўкилиб битган, Ҳабиб Сатторовдан бир ёш кичик бу олимнинг ҳаракати серғайрат, гапириши ҳам шунга яраша эди. У тез гапирганидан айрим фикрларини уқиб олиш қийин бўларди.
— Бир маслаҳатли иш чиқди, — деди Ҳабиб Сатторов, — фақат шартим бор: секин, шошилмасдан гапирасиз.
— Албатта-албатта, — деди Умар шартга кўниб.

Ҳабиб Сатторов тунги воқеани умумий тарзда айтиб бергач, у ғолиб одам кулгуси билан кулди-да:
— Худодан қайтибди, — деди.
— Нимага унақа дейсиз?
— Сиз бир пайтлар менинг гапларимни ғайрифан дер эдингиз. Исботига ўзингиз учрабсиз.
— Менга гина қилманг, менга тушунтиринг, — деди Ҳабиб Сатторов бир оз асабийлашиб.
— Бу биоенергетик чакраларнинг иши, — деб оҳиста гап бошлади Умар. — Яъни — биоенергетик марказ десак ҳам бўлади. Одамлардаги биоқувват ҳам электр қувватига ўхшаб «манфий» ва «мусбат» бўлади. Икки одам биоенергетик майдон ҳосил қилади. Яъни бир одам иккинчи одамга аура орқали, яъни нурланиш орқали таъсир қилади. Одамда нечта кўз бор? — Умар Бахтиёров шу саволни бериб муғобирларча кулимсиради.
— Сизда балки ўнтадир. Аммо менда иккита, — деб жавоб берди Ҳабиб Сатторов.
— Ўнта эмас, учта. Учинчи кўз — гипофиз. Гипофиз ана ўша аураларни қабул этади. Укангизни ҳам, сизни ҳам бегона энергоинформатсион майдонлар безовта қилган.
— Улар бошқа сайёраданмиз, дейишди?
— Бўлиши мумкин. Бошқа сайёрада бионурланиш марказлари кучлидир балки?
— Хўп, энди нима қилиш керак?
— Электромагнит экран билан шу майдонни бузиш керак. Мен шундай экран ихтиро қилганман. Лекин уни биров тан олмаяпти. Агар истасангиз синаб кўрайлик. Укангизникига ўрнатиб, нур пайдо бўлишини кутамиз.

Ҳабиб Сатторовга бу таклиф хаёлпараст талаба болаларнинг гапидай туюлди. «Ўйлаб кўрамиз», деб чиқиб кетди.

Шу гапдан кейин Умар Бахтиёров уни ҳоли-жонига қўймади. Охири Ҳабиб Сатторов кўнди. Ихтиро этилган электромагнит экранни олиб боришди. Ўша дераза токчасига ўрнатиб кутишди. Нурнинг пайдо бўлишини кута-кута иккови ҳам ухлаб қолишди.

Эрталаб туриб қарашса, экран пачоқланиб ётибди...

XVIII боб

1

Чувриндини кузатиб чиққан йигит унинг қўлига чиройли қоғозга ўралиб, чиройли тасма билан боғланган қутини берди.
— Бу Хонгирейнинг Асадбекка совғаси. Шахсан ўз қўлига топширасан. Бу Хонгирей билан Асадбекни бир-бирига боғлайди. Уни қўлингда кўтариб кет, синади, — деб огоҳлантирди.

Чувринди назорат бўлими орқали кутиш хонасига ўтганида Жамшидни кўрди. У Жамшид билан бирга кетишини билмаса-да, яқин кунларда кўражагини тахмин қилиб эди. Жамшид эса Чувриндининг Москвада эканидан бутунлай бехабар бўлгани сабабли бу кутилмаган учрашувдан дастлаб довдиради. Бир неча ой кўришмаган қадрдонлар оддийгина қўл беришиб омонлашдилар. Одамлар қуршовида ортиқча гаплаша ҳам олмадилар. Чувринди Жамшиднинг кўзларидаги савол учқунларига жавобан:
— Ҳаммаси яхши бўлади, — деб елкасига оҳиста уриб қўйди.

Шундай дейишга дегани билан «Ҳаммаси қанақасига яхши бўлишини» ўзи ҳам билмасди. Масала у кутган даражадан ҳам баттар чигаллашиб кетдики, оқибатда Хонгирейнинг усталигига тан бермай иложи қолмади. Айниқса, Жамшидни ўзи билан олиб кетиши... Хонгирей «Жамшидни бирга олиб кетасан», деганида «бу шунчаки тайинсиз гапдир», деб ўйлаб эди. Энди билса, бу ҳам Хонгирейнинг усталигидан экан. Яқиндагина «ўлди» деб эълон қилиниб, мурдасини ўз уйидан чиқарган одамни энди ўзи тириклайин бошлаб боради...

Шаҳарга етиб, хайрлашар маҳалида Чувринди унга:
— Уйингдан чиқмай ўтира тур. Бир-икки кун сабр қил, — деб тайинлади.

Зелихон билан учрашувдан сўнг хаёлнинг минг турли кўчаларига кириб, валинеъматларидан кўнгли қолаётган, ҳатто Хонгирей хизматига ўтганидан қувона бошлаган Жамшид меҳрибонлик билан айтилган бу гапни эшитиб, итоаткорлик билан «Хўп», деди.

Чувринди тўғри Асадбекнинг уйига борди. Ҳожасининг табибга кетганини эшитиб қўлидаги қутини йигитларга берди-да: «Бек аканг келгунларича эҳтиёт қилларинг», деди.

Эртасига болохонадаги йигитлар Чувриндиникига телефон қилиб, қутидан ҳаддан ташқари сассиқ ҳид чиқаётганини маълум қилишди. Юраги нохуш бир нарсани сезган Чувринди дарров етиб келди. Қути болохона айвонига чиқариб қўйилган, ундан таралаётган бадбўй кўчадан кирган одам димоғига уриларди.

Чувринди ҳиддан бурнини жийириб, йигитларга «Олиб тушларинг», деб шийпон томонга юрди.

Қутини олиб тушган йигит уни чаққонлик билан очди. Очди-ю, қўлларига қалтироқ кирди. Чувринди ҳам ҳайратдан донг қотди: қутида Ғилай Шомилнинг калласи турарди... Шомил калласи узилаётганини сезишга ҳам улгурмаганми, кўзлари очиқ қолган, худди «Дунёнинг охир-оқибати шуми?» дегандай бир кўзи чапга, иккинчиси ўнгга қараб саволига жавоб излагандай бўларди.

2

Абдураҳмон табиб хайрлашиш маҳалида Асадбекка «Хастаман, деб ғам чекманг. Хасталик — бахтсизлик эмас, бахтсизлик — бу дунё бойлигига муҳаббат қўйишдир», деди. Мана шу гапнинг мазмунини чақиш учун Асадбек кўп ўйланди-да «устма-уст бостириб келаётган бахтсизликларим шундан экан-да», деган хулосага келди.

Хайрлашишларидан олдин табиб Муҳиддин отага қараб туриб бир ривоят айтди:

«Эмишки, Чумоли яшайдиган жой емишга бой экан. У яхши еб-ичиб, обдон семирди. Сўнг... бир куни қараб, осмондаги қушларни кўрди. Кўрди-да... улар каби учмоқни истади. Қанот чиқармоқни умид қилди. Кутилмаганда умиди ижобат бўлди — қанот чиқарди-ю, учди. Аммо семизлиги туфайли баланд учолмади. Ердан бир озгина кўтарилди, холос. Шунда парвоз этмоқни истаган семиз чумолини қушлар кўрдилар. Оқибат шуки, у қушларга ем бўлди...»

Асадбек бу ривоятни ҳам кўп ўйлади. Ўзини чумоли ўрнига ҳам, қушлар ўрнига ҳам қўйиб кўрди. Аммо бирон хулосага келолмади.

Асадбек уйига қайтганидан кейин ҳам табибникида ўтган кунларини кўп эслади. Айниқса, Дев аканинг ҳолати бир неча марта тушига кирди.

...Улар чой ичиб ўтиришганда табиб кириб, узрли оҳангда Дев ака хасталанганини, уни бориб кўриши лозимлигини айтди. Муҳиддин ота одамгарчилик юзасидан «Биз ҳам борайлик, беморни йўқлаш савоб», дегач, табибга эргашдилар.

Қишлоқ чеккасидаги сомонсувоқ кичкина уйча. Абдураҳмон табибнинг сайъи-ҳаракати билан қурилган бу уй — Дев аканинг бошпанаси. Ичкарида тахмон. Сандиқ. Кўрпа-кўрпачалар. Лекин Дев ака эски палос устида, бошига гувала қўйиб ётибди.
— Бу кишининг одатлари шу, — деб изоҳ берди, Абдураҳмон табиб. — Кўрпа-ёстиқда ётмайдилар. Қишин-ёзин шу аҳвол.
— У дунёда барчамиз шу ҳолда ётамиз, — деди Муҳиддин ота.
— Муту қабла ан тамуту, — деб қўйди табиб.

Беҳол ётган Дев ака бошини сал кўтариб, табиб билан Муҳиддин отага миллион сўмдан ваъда қилди. Бу сафар ҳам Асадбекка «ҳеч нарса тегмади».
— Мен мих тополмадим, сен топдингми? — деб сўради Дев ака табибдан.
— Топдим, — деди табиб унинг билак томирини ушлаб.
— Яхши! — деб жилмайди Дев ака. — Яхши, энди юртимизга қайтамиз. Сарой соламиз. Ҳамма озод бўлади!
— Ҳа... озодликка оз қолибди... — деди Абдураҳмон табиб беморнинг қўлини оҳиста равишда шолча устига қўйиб.

Унинг нима демоқчи эканини Муҳиддин ота англади-да, Дев акага ачиниш билан қараб қўйди.

Улар кетмасларидан аввал ҳам табиб ундан хабар олган эди. Муҳиддин отанинг «Қалай, тузукмилар?» деган саволига бош чайқаб қўйиб, «Шифо Оллоҳдан» деган эди.

Асадбек уйига келгандан бери ўзига «миллион сўм бергиси келмаган бу ғалати одам тирикми ё бандаликни бажо келтирдими?» деб ўйлади. Кейин ўзининг ташвишлари билан бўлиб бошига гувала қўйиб ётувчи бу одамни унута бошлади.

У шифо топаётганидан қувониб, уйга қайтганда бирон яхши хабардан умидвор эди. Аммо... шодликни оширгувчи хабар бўлмади.

Чувринди ҳам, Кесакполвон ҳам унинг қайтишини ўзларига хос интизорлик, сабрсизлик билан кутар эдилар. Тилла тангани олиб келгач, уйига қайтган Жалил ҳам хавотир, ҳам умид билан кутарди. Кесакполвон уникига икки марта келиб, «Яна бориб, хабар олиб келинг» деб тиқилинч қилди. Жалил биринчи сафар «Табибнинг ғашини келтириб қўйсам, «Кўтар аравангни!» деб ҳайдаб юборади» деган мулоҳазасини айтиб, уни тинчитди. Иккинчи сафар келганда «Мен сенинг югурдагингманми!» деб бобиллаб берди.

Асадбек шаҳарга етиб келишлари билан, ҳайдовчига «Жалил акангникига ҳайда», деб буюрди-да, Муҳиддин отага қараб: «Хавотир олиб ўтиргандир», деди.

Жалил уйда йўқ эди. Шу учун келинга «Ўртоғимга салом айтинг», дегач, уйига қараб юрдилар.

Кесакполвоннинг уйида сиқилиб кетган, айниқса Мардонадан ўч олиш мақсадида қаттиқ қўрққан Зайнабнинг касали қўзиб, анча қийналди. Шунинг учун Чувринди қайтган куниёқ унга телефон қилиб, отасининг уйига келди. Ёш жувон ёлғиз ўзи турмасин, деб Чувринди хотинини ҳам шу ерга олиб келган, буни эшитиб Кесакполвоннинг фиғони ошган эди. Унинг фикрича, Чувринди Асадбекнинг хонадонига тўла ҳукмронлик ўрнатишга эришган эди.

Чувринди хотинига айрим ишларни тайинлаб кетаётганда ҳовлига Асадбек кириб келди. Ҳожасининг анча дадил кириб келаётганини кўрган Чувриндининг зулумот бағрига чироқ ёқилгандай бўлди. Асадбек билан қучоқлашиб кўришиб, «Худога шукр» деб қўйди.

Кесакполвоннинг ваҳимали тарзда тушунтиришидан сўнг хавотир оташида қоврилаётган Зайнаб ҳам отасининг кўринишидан мамнун бўлди.

Зайнабнинг аҳволидан бехабар Асадбек ундан «Нима учун бу ердасан?» деб сўрамади. Қизининг келиб-кетиб юришига кўникиб қолгани учун «Эринг тузукми?» деб қўя қолди.

Муҳиддин ота борлиги учун бу кеч ишдан гаплашишмади. Меҳмоннинг истаги билан уни эртасига Красноярга узатдилар. Шундан сўнг уччовлари шаҳар марказидаги уч қаватли бино ертўласида тўпландилар.

Анчадан бери улар бу ҳолда жам бўлиб ўтирмаган эдилар. Хорижга бориб келган Ташқи ишлар вазири жумҳурраис ва бош вазирга ҳисоб бергани каби Чувринди ҳам ҳожаларини сафари оқибати билан таништирди. У бу ҳисоботга астойдил тайёрланган эди. Чунки Хонгирей айтган гапларни, унинг мақсадини айтмоқ зинҳор мумкин эмас. У гапларини тамом қилиши билан Кесакполвон:
— Ғилай қани? — деб сўради.

Бу саволни у Чувринди келган куниёқ сўраган, «Хонгирей ёнида қолди», деган жавобни эшитган эди. Жавобга қониқмагани учун ҳожаси ёнида яна сўради.
— Ғилайни Хонгирей олиб қолди. Гаровга турсин дейди. Лекин унинг ўрнига... — қолган гапини айтишга қийналди.
— Чайналма, гапир гапингни, — деб жеркиди Кесакполвон. У Ғилайнинг Хонгирей ёнида қолганига ишонмади. Ғилай ким бўлибдики, Хонгирей уни гаровга олиб қолса. «Ғилайни яширган, ўзига керак вақтида ишга солади», деган фикри қатъийлашди.
— Бек ака, биз бир айб иш қилганмиз. Сўксангиз ҳам, урсангиз ҳам ҳаққингиз бор.
— «Биз» деганинг ким? — деди Кесакполвон.
— Сиз билан мен...
— Ие, сен билан шерикликда нима ёмон иш қилибман?
— Жамшидни айтаман...
— Жамшид? — деб ажабланди Асадбек. Кейин у ҳам жеркиб берди. — Гапирсанг-чи, бунча чайналасан!
— Гап шуки, ўшанда Жамшидни ўлдирмаган эдик. Яхши йигит, садоқатли йигит. Жаҳл устида айтвордингизми девдик. Уни Сочига юбориб, ўликхонадан бир мурда топиб ёқувдик.
— Бунақа ҳунарларинг ҳам борми? — деди Асадбек.

Унинг овозида қаҳр ёки зарда сезилмагани учун Чувринди сал дадиллашди.
— Бизга керакли йигит.
— Ўзи қани?
— Уйида, бирга олиб келдим.
— Сочига бордингми? — деди Кесакполвон жаҳл билан.
— Ҳозир тушунтираман. Уни Сочида Зелихон кўриб қолибди. Эсингиздами, «Академик»-чи? Хонгирейнинг устозиман, деган.
— Эсимда, гапиравер.
— Хуллас, Жамшидни олиб кетишган. Ҳарҳолда бу ўша Зелихоннинг иши.
— Унга нима алоқаси бор?
— У Элчинни ўйлаган. Зелихон Жамшидга Элчинни ҳар қадамда ҳимоя қиласан, деб шарт қўйибди. Эсингиздами, Масковда Хонгирей ҳам Элчинни гапирувди.
— Эсимда... — Шундай деб Асадбек ўйга толди.

Чиндан ҳам ғазаб оловида ёнган пайтида ҳукм қилиб эди. Кейин афсус еди... Агар шу иш бўлмаганда Зайнаби бошига қора кунлар тушмас эди. Ҳамма айб ўзида. Мана, у тирик экан, қайтиб келди. Зайнаби эса...

Кесакполвон сукунатга тоқат қилолмади:
— Жамшидни ўзинг билан олиб келувдингми? — деб сўради Чувриндидан.
— Ҳа.
— Нега мен билмадим?
— Аввал маслаҳатлашай девдим.
— Демак, менга айтишинг мумкинмас. Мен сен учун ҳеч кимман. Сен — ҳокимсан, мен эса осиб, ёқишинг учун ўлик топиб келтирадиган аҳмоқман!
— Жим бўл! — деб бақирди Асадбек, хаёлини тўзғитган аъёнидан ранжиб. — Жим бўл! Бу сенга тегишли масала эмас!
— Қайси масала менга тегишли, тушунтириб қўй, бўлмаса?
— Жириллама! Ҳамма нарсага бурнингни тиқаверма!

Кесакполвоннинг алам денгизи тўлиб тошди. Орани очиқ қилиб олиш фурсати етганини ҳис қилиб, Чувриндига қаради-да:
— Сен чиқиб тур, аканг билан гаплашиб олай, — деди.

Чувринди «Чиқайми?» дегандай Асадбекка қаради. Ҳожаси индамагач, ўрнидан туриб, чиқди.
— Оғайни, жуда бунчалик эмас-да! Кейинги пайтда итнинг кейинги оёғидай хор қилиб ташладинг-ку?

Асадбек «қани, гапиравер-чи», деб индамади.

Асадбек сўнгги гапни эшитиб унга ялт этиб қаради. «Башарамга тупур»... Бу гап эски ярани бир тирнаб ўтди. Асадбек «халқ душмани»нинг ўғлига нафрат изҳор қилинишини ҳали унутгани йўқ. Туновинда Жалил оғайнилар билан борди-келди қилмайсан, деганида ҳам бу ҳолат эсига тушган, башарамга тупурган болалар билан қандай қилиб яхши муносабат ўрната оламан, дейишга оғиз жуфтлаган ҳам эди. Жалилга буларни гапириш бефойда эканини билиб, индамай қўя қолувди. Ҳозир ўша тупурганлардан фақат Кесакполвон билан бирга. Лекин бу Кесакполвонни ўша иши учун кечирди, деган гап эмас. Кесакполвоннинг тупуриш ҳолати ўқтин-ўқтин ёдига тушиб, дилини эзади. Ғойибона бир овоз «қачондир бундан ўч оласан», деб даъват этарди.

Асадбекнинг ўйга толганини кўриб, Кесакполвон ўрнидан турди-да, телефонни олиб келиб, Асадбекнинг тиззаси устига қўйди. Асадбек унга бир қараб олиб, ён чўнтагидан дафтарча чиқариб Хонгирейнинг телефон рақамини топиб, терди. Хонгирейнинг йигити унинг кимлигини обдон сўраб-суриштиргач, икки-уч дақиқа жим бўлди. Сўнг «Ҳозир улайман», деди. Яна бир неча дақиқадан сўнг Хонгирейнинг овози эшитилди:
— О, Асад, қардошим, омонмисан? Сени касал дейишувди, яхшимисан?
— Раҳмат, тузалиб қолдим.
— Тузалиб қолдим... бу жуда яхши.
— Йигитлар билан кўришдингми?
— Кўришдим. Маҳмудбейдан бир совға бериб юбордим, олдингми?
— Совға?.. — Асадбек савол назари билан Кесакполвонга қаради. Кесакполвон «билмайман», деган елка қисди.
— Ҳа, совға, янги йил қуруқ бўлмасин-да! — деди Хонгирей. — Сўраб ол. Биз сен билан аҳил яшашимиз керак. Бир дўстимиз йўқолиб қолибди, афсусландим. Соғ бўл, қардош...

Шундай дегач, телефонлар узилди. Асадбек ўйга толган ҳолда гўшакни бир оз ушлаб тургач, жойига қўйди-да:
— Маҳмуд! — деб чақирди.

Чувринди ҳаялламай кирди-да, «Булар орасида нима гап бўлди», дегандай уларга бир-бир қараб олди. Чувринди келиб жойига ўтиргунича Асадбек ундан кўзини узмади.
— Хонгирей биз билан иш юритмоқчи, дедингми?
— Ҳа, шунақа хоҳиши бор. Ўзбекларни яхши кўраман, дейди.
— Бирга ишлагиси келса, ишлаймиз. Хонгирей қўли очиқ йигит эди. Менга совға-повға бериб юбормадими? — Асадбек шундай деб унга синчковлик билан тикилди.

Чувринди ундан кўзини олиб қочиб, Кесакполвонга илкис қараб олди-да, хўрсиниб қўйиб:
— Бериб юборган эди, — деди.
— Қани совғаси, нега бу ҳақда гапирмадинг?
— Бек ака, бу совғани... кўрмаганингиз ҳам, эшитмаганингиз ҳам маъқул эди... Шунинг учун индамаган эдим. Кайфиятингизни бузгим келмади. Кейинроқ айтмоқчи эдим.
— Қанақа совға экан, айт. Ё бир қоп ахлат бериб юбордими? — деди Кесакполвон.
— Бунақа бўлганда дарров айтган бўлардим. Ундан ҳам баттар нарса...
— Чайналмасанг-чи! — деб бақирди Асадбек.
— Ғилайнинг калласини битта қутига жойлаб берибди.
— Нима? Ғилайни ўлдирибдими? — деб Кесакполвон ўрнидан туриб кетди.
— Ўтир жойингга! — деб ўшқирди Асадбек унга. Сўнг Чувриндига «давом эт», дегандай қаради.
— «Совға» дейишса олиб келаверибман, мен лақма. Болохонага қўйиб қўювдим, сассиғи чиқиб кетди. Кейин очдим. Очсам... ўша калла.
— Ўлдиришгунча индамай қараб турдингми? — деб сўради Кесакполвон.
— Борган кунимизоқ уни мендан айириб олишган. Хонгирей «Ўз хўжайинига хоинлик қилган сенларга хизмат қила олмайди», деди.
— Бу гапи тўғри, — деди Асадбек ўйчан тарзда.

Ғилайнинг ўлими унга Кесакполвончалик қаттиқ таъсир этмади. Хонгирейнинг қўлидан тирик қайтса, уни ўзи ўлдирарди. Ўз қўли билан ўлдирмоқчи эди...

Асадбек «Энди нима дейсан?» дегандай Кесакполвонга қаради. Унга Чувриндининг тадбири маъқул келган эди. Кесакполвонга эса бу иш ҳам қинғирдай туюлиб, бир қимирлаб олди.
— Жамшидни чақир, — деб буюрди Асадбек Чувриндига.

Чувринди чиқиб, Бўтқага буйруқни етказиб келгач, Асадбек Кесакполвонга қараб туриб сўради:
— Хўш, ўлик топиб келиб ёқибсанлар, мени ишонтирдинглар. Ўрганнинг одамлари ҳам ишонди. Иккита кавказлик қулоғини ушлаб кетворди. Хўш, энди тириклиги маълум бўлганда нима дейсанлар?
— Буни укахонингдан сўра. Неча кундан бери ўйлаб қўйгандир?
— Ўйлаб қўйдим, — деди Чувринди унинг пичингига эътибор бермай. — Катта йўлда Жамшидни номаълум одамлар тўхтатишади. Беҳуш қилиб олиб кетишади. Бир неча ой қоронғу ертўлада сақлашади.
— Мақсад?
— Мақсадми... пул талаб қилишади.
— Кимдан?
— Ўзидан.
— Нимага чиқаришди. Пул берилдими?
— Ҳа...
— Хом гаплар бу. Кўча-кўйдаги одамлар учун. Унинг тириклигини билса анови зумраша прокурор титиб қолади. Аввал сени чақиради.
— Яна бир йўли бор.
— Қанақа?
— Қиз масаласи. Қизни алдаган бўлиши мумкин. Уйланишга рози бўлгач, чиқаришади.
— Уйлантирасанми?
— Ҳа, ўзига ёқадиган биттаси бор.
— Ўйлаб иш қил.

Жамшид масаласи шу тариқа ҳал этилгач, Кесакполвон Шариф Намозов Москвага олиб кетилганини айтди.
— Прокурор болани эртасигаёқ чиқариб юборган. У ўзининг ишини қилиб юрибди. Шарифни қўлига кишан уриб олиб кетишди. Индамай қараб турсак бўлмас.
— Қиличга тегмабдими?
— Йўқ, бир марта сўроқ қилган. Сувдан қуруқ чиқди, хумпар.
— Шуниси ғалати, — деди Чувринди.
— Нимаси ғалати? — деди Кесакполвон энсаси қотиб.
— Сувдан қуруқ чиққани. Красноярга юборган молнинг дарров қўлга тушгани ҳам қизиқ.
— Молнинг изига Хонгирей тушган девдим-ку, — деди Асадбек. Сўнг бир оз ўйланди-да, давом этди: — Хонгирейга Ҳосил етказган... Ҳосилга...
— Мен сенга айтувдим, — деди Кесакполвон. — Қамоқдалигида уни Ғилай йўқлаб турган. Ҳосилга ҳам хизмат қилган у хунаса.
— Буни исбот қилиш керак, — деди Чувринди.
— Қийин эмас. Рухсат берсанг... — Кесакполвон шундай деб Асадбекка юзланди.
— Йўқ, ҳозирча жим турларинг. Шарифни нима қилишни ўйлаш керак.
— Йўқотиш керак, — деди Кесакполвон.
— Ҳайдар акам тўғри айтадилар. Винзаводни кавлаштириш тўхтатилмаса газак олиб кетиши мумкин.
— Хонгирейга айтамиз. Ўзи пиширган ошни ўзи ичсин. Шу иш билан борилса, ўзи ҳал қилади. Маҳмуд, отлан, ўзинг бориб кел. Эҳтиёт бўл, яна Шарифнинг калласини қўлингга тутқазиб юбормасин. Ҳайдар, сен Шарифнинг оиласидан хабар олиб қўй. Уйи битганмиди?
— Йўқ, чала эди, — деб жавоб берди Чувринди.
— Битириб берларинг. Бу олимчадан иш чиқармикин, девдим, бўлмади. Майли, бола-чақаси биздан ранжиб юрмасин.

3

Бўтқа эшикни очиб, Жамшид келганини маълум қилгач, киришга ижозат этилди. Жамшид ичкарига қадам босиб салом берди-да, икки-уч қадам босиб, хона ўртасида тўхтади. Уч жуфт кўз унга тикилди. У эса «Мана, мен келдим, яна ўлимга ҳукм қиласизми? Гуноҳим нима менинг?» дегандай Асадбекка қаради.
— Тўғрисини айт: кўнглингда аламинг борми?
— Бек ака, мен сизга ҳеч қачон ёлғон сўзламаганман. Ҳозир ҳам тўғрисини айтаман: озгина бор.
— Чиқариб ташла. Яна биз билан бирга бўлишни хоҳлайсанми?
— Хоҳлайман.
— Бизнинг ишда гина-қудурат бўлмайди. Фақат... Қадамингни билиб босиб юр, бола. Бор, ишингни қилавер.

Шу билан «Ярашув» маросими якунланди. Жамшид келаётганда «Гуноҳим нималигини сўрайман», деб қасд қилган, Асадбек ҳам ундан шу саволни кутган эди. Савол берилган тақдирда жавоб бериш истаги йўқ эди. Жамшид эслилик қилиб гапни чувамади. Бу иши Асадбекка маъқул келди. У «Ишингни қилавер» дегани билан Жамшидни ҳали кечирмаган эди. Ҳали ҳам «Зайнаб билан дон олишган», деган фикр уни тарк этмаганди. Аввало Жамшидга меҳри борлигидан, қолаверса, аъёнлари ўртага тушгани учун ён босди.
— Бек ака, аввалгидек ёнингизда бўлсинми? — деб сўради Чувринди.
— Йўқ, — деди Асадбек бош чайқаб. — Мендан нари юрсин. Иложи бўлса, кўзимга кўринмагани маъқул. Маҳмуд, унинг ҳар босган қадами учун сен жавоб берасан.

Маҳмуд Москва сафари тадоригини баҳона қилиб чиққач, Кесакполвон Асадбек билан бирпас гаплашиб ўтирди-да, у ҳам «Қилични топиб гаплашай», деб ўрнидан турди. Кўчада, видеобар эшигига яқин ерда турган бир аёл кўзига иссиқ кўринди. Аёл ўткинчи эмас, видеобар эшигига бетоқатланиб қараб-қараб қўярди. Кесакполвон унга яқинлашди-да:
— Ҳа, сингил, бировни кутяпсизми? — деб сўради.
— Шу идорада ишим бор эди, — дея аёл видеобарни кўрсатди.
— Кимда?
— Асадбек акада...
— Асадбекда нима ишингиз бор?
— Ўзларига айтаман.
— Менга айтаверинг. Асад касал. Мен унинг шеригиман.
— Мен... Шариф аканинг аёлиман.

Кесакполвон таниди. Таниса ҳам танимаганга олиб сўради:
— Қайси Шариф?
— Ҳалиги винзаводдаги... Намозов.
— Ҳа, уми? Қамалибди, деб эшитдим, ростми?
— Рост... — Насиба кўзига ёш олди. — Ҳар куни қатнайман. Кўрсатишмайди ҳам, овқат ҳам олишмайди.

«Москвага олиб кетилганини билмайди шекилли?» деб ўйлади Кесакполвон.
— Хавотир олманг, чиқиб қолар...
— Шариф акамни олиб кетишгандан кейин битта йигит келди. Пул талаб қилди.
— Йигит? Қанақа йигит?
— Танимайман. Жуда хунук... Олдин ўтирганларида бирга ўтирган экан. Юз минг сўради. Пул йўқ, девдим, боламни... ўғирлаб кетишди... — Насиба ҳўнграб юборди.
— Йиғламанг, синглим, — деб юпатган бўлди Кесакполвон.
— Ёрдам беринг, жон ака, сизлардан бошқа кимга бораман.
— Ёрдамми?.. Бизда бунақа пул йўқ, синглим. Қариндош-уруғдан йиғинг. Жа бўлмаса уйни сотинг. Уй азизми, бола азизми?
— Ўша йигитни... билмайсизларми?
— Э, йўқ, синглим. Биз бунақа жиноят ишларга аралашмаймиз. Бизга тинчлик керак, энди бу ерга бошқа келманг.

Эзилиб адо бўлаёзган Насиба сўнгги умидини шу ерга кўмиб, орқасига ўгирилиб қайта бошлади. Видеобардан чиқиб келган Асадбек уни кўриб Кесакполвондан:
— Ким у, йиғлаб кетяптими? — деб сўради.
— Шарифнинг хотини. Эримни чиқартириб беринглар, деб келибди. «Хўп, ҳаракат қиламиз», дедим.
— Яхши айтибсан, хабар олиб тур.

XIX боб

1

Чувринди Москвага борди-ю, келди. Хонгирейнинг бу ишга аралашишига ҳожат қолмади.

Унга қадар Шариф Намозов ўзини ўраб олган бало булути орасида кўп азоблар чекди.

Аввалига...

Зоҳид қамоқхонада адолат хусусида ўйлаётганда, Шариф Намозов ҳам айнан шу ҳақда фикр юритарди. Улар бир нарса ҳақида ўйлаганлари билан адолат тўғрисидаги тушунчалари турлича эди. Зоҳид адолат учун курашгувчи тоифадан, Шариф эса ўзига адолат юзасидан муомала қилмоқликларини талаб этувчи хилидан эди. Зоҳид «Нима учун адолат топталади? Адолатни қандай ҳимоя қилмоқ, қандай тикламоқ мумкин?» деб фикр юритса, Шариф Намозов «Мен иқтидорли олим бўлсам, ишларим билан чет эл ҳам қизиқса, нима учун менга адолат қилмайдилар», деб нолир эди.

Шариф Зоҳиддан фарқли ўлароқ, икки ўт орасида эди.

Бир ўтни қамоқдан келиб, юз минг талаб қилаётган нусха ёқарди. Бу ўтда оиласининг куйиши эҳтимоли ҳам бор. Иккинчи ўтни шим кийган, чигирткасимон терговчи хотин ёқарди. Бу ўтдан ҳам оиласи жабр кўрмоғи мумкин.

Бу икки ўтнинг бараварига, бир кунда ёқилиши шунчаки тасодифми ё атайин уюштирилганми, билолмай гаранг эди. У москвалик терговчи билан яна учрашишни ўйлаганида баданига титроқ югурарди. Насибани шармандаликдан қутқариш учун олмаган пулни олдим, деди. Энди у «Пулларни топасан», деб зўрлайди. Яна қийнайди. Ўзини қийнаса майли, оиласига тегмаса бўлгани... «Ишқилиб Насиба болаларни олиб бирор ёққа қочсин»да», деб орзу қилди.

Шариф Намозов бир фикрнинг тагига ета олмас эди: унга нима учун осилиб қолишди? Ахир у амал талашмаса... Илмий иш билан шуғулланиб юрган одам эди. Бош муҳандисликни бердилар. Кейин чўнтагига қора дори солиб, қаматишди. Қамоқдан ўзлари чиқаришди. Кейин... биратўла раҳбарликни беришди. Керакми эди, унга бу раҳбарлик? Аввалига керак эмас эди. Кейин унинг шираси ёқа бошлади. Бош муҳандислигида-ку, ҳақиқат талаб қилган эди. Энди ҳеч нарса талаб қилмади. Барибир... Аксига олиб портгугалияликлар ҳам жимиб кетишди. Буни ҳам Шариф шу одамлардан кўрди. Ўзининг қора дорига ўрганиб қолганини ҳисобга қўшмади.

У терговчи билан учрашувни қўрқув билан кутаётганда эшик шарақлаб очилиб, соқчи:
— Намозов! Чиқ! — деб буюрди.

Дилгир ўтирган Шариф соқчининг амрли овозини эшитиб, ўрнидан қўзғалди. Қамоқхонада ёлғиз эзилиб ўтириш дурустми ё терговчи билан узундан-узун суҳбат қуришми — билмасди.

Соқчи даҳлиздаги шеригига Шарифни топшириб, ўзи эшикни шарақлатиб ёпди.

Худди аввалги қамоқдалиги каби...

Кўнглига «Чиқариб юборишса эди», деган умид қуёши мўралади.

У аввалги сафардагидай юриб борди. Фақат... Зиналардан пастга эмас, юқорига кўтарилди. Ҳовлига чиқмади, балки яна узун даҳлиз бўйлаб юрди. Энди у терговчи билан учрашуви аниқлигига ишонди. Соқчи Шарифни чоғроқ хонага бошлади. Аввалги сафар бундай хонада қалдирғоч мўйловли йигитга дуч келган эди. Бу сафар бир семиз одамга рўпара бўлди. Бу семиз ҳам ўша мўйловли йигитга ўхшаб, фақирига менсимай қараган подшо каби илкис назар ташлаб қўйди. Қандайдир қоғозларга имзо чекди. Йигит шундай қилиб туриб:
— Намозов, сиз озодсиз. Айбларингиз исботланмади, — деган эди.

Бу семиздан ҳам шундай сўз кутди. Аммо унинг ўрнига у одам:
— Қўлларингни узат! — деб буюрди.

Шариф амрни беихтиёр бажариши билан, у чаққонлик билан билакларига кишан солди-да:
— Бўлди, олиб чиқ, — деб орқадаги соқчига буюрди.

Аввалгидай бўлмади. Уни ҳаммаёғи берк машинага чиқардилар. Машина тебраниб, анча юрганидан сўнг бир жойда кўп вақт тўхтаб турди. Шариф учоқларнинг овозини эшитиб, ажабланганча ўтираверди.

Машина эшиги очилгандан сўнг у ўзини баҳайбат учоқ олдида кўрди. Машинадагилар уни Бергер билан Владга топширишди-да, қоғозларга қўл қўйдириб олиб, изларига қайтдилар. Влад курткасини ечиб Шариф-нинг қўлларини боғлаб турган кишан устига ташлади. Бир ёнида Бергер, бир ёнида Влад билан Шариф худди хавфли жиноятчи каби учоққа чиқди. Унинг қўллари кишанланганлигини учоқдагиларнинг кўпчилиги сезмади ҳам. Устида плашчи бор одам нега чарм курткани қучоқлаб олибди, деб ўйлагувчилар ҳам бўлмади.

Учоқда дераза томонда Арина Бергер, ўртада Шариф, четда Влад ўтирди. Учоқ бекаси сув олиб келганда ҳам, овқатланиш пайтида ҳам кишан ечилмади. Бергер «Ғиринг десанг ёки қимирласанг отаман» дегани учун жим ўтираверди.

Жим ўтирмаганда нима бўларди?

Дейлик, у кишанли қўлларини кўтариб «Биродарлар, мени қутқаринглар, булар мени бегуноҳ қамашди! Буларда инсоф йўқ! Булар хотинимни ҳам зўрламоқчи бўлишди!» дегани билан биров ўрнидан турармиди? Нари борса қайрилиб қараб қўйишади. Инсофлироғи «Бечора» деб ачиниб қўяди. Шу холос... Адолат истаб бақиргани учун ўқ емаган тақдирда ҳам бўйнига Владнинг гурзидай мушти тушиши тайин.

Учоқдан ҳаммадан кейин тушишди. Уларни ҳаммаёғи берк машина кутиб турарди. Бергер уни қамоқхона вакилларига топшириб, ўзи Владни қўлтиқлаганча нари кетди. Учоқдан машинага чиққунига қадар Шариф қор бўронида совқотди. Тишлари ҳам такиллаб қолди. Машина аввалига илиқ туюлган эди. Дам ўтмай аёз забтига олди.

Уни «Матроская тишина» деган сурурли номда юрувчи Москванинг қадимги турмасига олиб келдилар. Соқчи икки томони темир эшиклардан иборат даҳлиздан ўтгач, охирги эшикни очди-да:
— Жой йўқ, битта-яримта билан галма-гал ётасан, — деб киритиб юборди.

Бу огоҳлантириш Шарифга ғалати туюлди. У меҳмонхоналарда «жой йўқ» деган гапни кўп эшитган, аммо қамоқ, айниқса, икки қаватли каравотлар билан тўла хонада жой бўлмаслиги унинг учун ажабланарли эди.

Чиндан ҳам бу катта хонада турган ҳам, ўтирган ҳам, ётган ҳам кўп эди. Ҳаво иссиқ, нафас олиш оғир эди. Қарийб икки соатдан ошиқ совуқ машинада ўтирган Шарифга иссиқ хуш ёқиб, аввалига бадбўйга унча эътибор бермади.

У нима қилишини, қаерга ўтиришни билмай эшик ёнида қаққайиб туриб қолди.

Қадим ўтган шоир:

«Сипоҳ гардидин бўлди олам сиёҳ.

На хуршид кўрунди унга, на моҳ»,

деб ёзганида мана шундай қамоқхонадаги тирбандликни ҳам назарда тутганмикин?

Бунда киссавур ҳам, каллакесар ҳам, хизматчию олим ҳам — барчаси жамланган эди.

Бунда ҳам махсус бурчак — қиморхона мавжуд эди.

Бунда нажас, шиптир ҳиди ҳам, тамаки, тер ҳиди ҳам, хуллас, дунёдаги барча сассиқ ҳидлар тўпланган эди.

Шариф эътиборини бурчакдагиларга қаратди: уларнинг «иш куни» авжида. «Булар ҳам тилла тишларни суғурармиканлар», деб ўйлади Шариф.

Тура-тура оёқлари толган Шариф чўк тушиб ўтириб, деворга суянди. Дам ўтмай деворнинг захи баданига ўтиб, жунжикди. Унга биров «бери кел» деб лутф қилмади. Бу орада овқат бердилар. Эплаган олди, эплай олмаганлар кейинги овқатга умид қилдилар. Шариф шу умидворлар қаторида қолди.

Бадани зирқираб, ётгиси келди. Яқиндагина бир киши ётиб турган каравотга яқинлашиб «Бирпас ётай», деб сўради.
— Э, йўқ, ҳозир келиб, ҳозир ётаман, деб ўйлаяпсанми? Бу ерда ётиш ҳуқуқини олиш учун уч-тўрт кун ерда ётиб пишасан, — деди каравот эгаси.

Бу гапдан бошқалар кулди. «Бир пас ёта қолсин», дейдиган инсоф эгаси топилмади. У ноилож девор томонга қайтиб чўкди. Шу аҳволда бирпасгина мудради. Шу мудрашда туш ҳам кўрди:
— Нималар қилиб қўйдингиз, адаси? — деди Насиба бош чайқаб.
— Нима қилибман?
— Уларга яқинлашманг девдим, қулоқ солмадингиз.
— Адашдим, Насиба...
— Сиз илмингизга хиёнат қилдингиз. Худо сизга ақл берган эди, сиз ақлсизлар билан қолдингиз...
— Худо кечирсин...

Боши чайқалиб уйғонди.

Куни шу зайлда бошланиб, шу зайлда давом этди. «Каравотингда ётай», деб бошқа ялинмади. Худди кўчадаги тиланчилар каби чўнқайиб ўтираверди.

Қанча вақт ўтганини билмайди. Баданида титроқ уйғонди. У дорининг хумори тутди, деб ўйлади. Аслида унинг иситмаси кўтарила бошлаган эди. Анчагача чидади, сўнг титраган ҳолда ўрнидан турди. Бурчакда қимор ўйнаётганлар томонга нажот билан қаради. Уларнинг ўйин пайтида наша тортиш одатлари бўларди. Ҳеч бўлмаса бир тортарман, ҳеч бўлмаса тутунини ҳидларман, деб ўша томонга юрди. Даврага яқинлашганда ўтирганлардан бири ўгирилиб қараб:
— Нима дейсан? Ўйнамоқчимисан? — деб сўради.
— Ўйнардиму... пулим йўқ-да... — деди Шариф.
— Пулинг бўлмаса жўна.
— Бир торттиринглар...
— Нима?
— Қуруғидан... фақат бир марта.
— Жўна дедим.

Шариф ҳақоратланган одам қиёфасида ўгирилганда даврадагилардан бири унга марҳамат қилди. Чекиб адо бўлаёзган ўрама папиросни берди. Шариф ютина-ютина тутатиб жойига борди. Аввал чўнқайди. Сўнг ётиб олди. Наша таъсирида сал роҳатлангандай бўлди. Нашанинг кучи қирқилиб, иситмаси яна кўтарилгач, безовталана бошлади. У учоқдан машинага чиққунига қадар, сўнгра йўлдаги совуқда шамоллаганидан, зотилжам хасталиги вужудига ҳукм ўтказа бошлаганидан бехабар эди.

Шариф оғзи қуриган, титраган ҳолда қаддини аранг кўтарди. Пича деворга суяниб ўтирди. Сўнг қийналиб бўлса-да, ўрнидан туриб бурчакдаги даврага аста юриб яқинлашди. Унинг бу туриши кўча-кўйда хорланиб юрадиган майпарастларнинг айни ўзи эди. Даврадагилардан бири ижирғаниб:
— Яна нима дейсан? — деди.
— Битта торттиринг.
— Торттирайми? Ҳозир, — у шундай деди-да, Шарифнинг юзига мушт туширди. Кейин унинг беҳуш танаси тепки ҳам еди. Шариф шу ҳолида анча ётди. Сўнгра атрофдагилар унга раҳм қилиб, жойига — девор яқинига, муздек бетон устига ётқизиб қўйдилар. Даврадагилардан бири ёзилиб чиқаётиб, ҳали ҳам қимир этмай ётган Шарифга эътибор берди. Жойига ўтираётиб:
— Саша, нима бало ўлдириб қўйдинг шекилли, қоравой қимир этмай қолибди, — деди.

Урган йигит аввалига қўл силтади, сўнг «Ҳозир ўзига келтираман», деб ўрнидан турди-да, Шарифнинг билагини ушлади.
— Тирик. Қоравойларнинг жони қаттиқ бўлади. Ҳозир нашатир спирт берамиз, — деди-да... Шарифнинг устига таҳорат ушатди. У то ишини тугатгунча даврадагилар кулгилари билан қувватлаб туришди.

Шариф чиндан ҳам тирик эди. Ҳуши ҳам ўзига қайтган, фақат ҳолсизлиги туфайли қимирлай олмаётган эди. У калтаклаган йигитнинг нима қилаётганини аввал тушунмади. Сўнг хўрлик ва аламдан бўғилди. Ўрнидан турмоқни, унинг бўғзига чанг солмоқни истади. Бор кучини тўплаб туришга интилди, бироқ гавдаси ўзига бўйсунмади: ерпарчин бўлиб қолаверди. Истакни бажариш учун қувват керак. Уни эса қувват тарк этган эди. Бир оздан кейин судралиб қуруқроқ жойга ўтди. Кўнгли айниб, ўқчиди. Ичида ҳеч нарса бўлмагани сабабли қайт қилолмади.

Каравоти борлар ётиб уйқуга кетишди. Демак, кеч кирибди...

«Мен неча кундан бери бу ердаман? Мени бунча хорлашади? Бу хорликдан ўлганим яхши эмасми? Яхши... Аммо ўлишнинг чораси борми?» деб ўйлади Шариф.

Унинг фикри қатъийлаша бошлади. Ўлимни чақирди.

Қани энди ўлим ҳазрати олийлари кела қолса, шошила қолса...

Ўлим-ку келар, аммо қай ҳолда жон беради? Ҳаётда омадсиз эди, ўлимда ҳам шундай бўлади шекилли? Итдай хор бўлиб ўлади, мурдасини итнинг ўлигидай олиб чиқиб ташлашади. Кўмишадими ё куйдириша-дими?

«Нима қилса қилар, шу ердан қутулсам бўлди», деб ўйлади у.

Ҳозир Шариф Насибани, болаларини ўйламас эди. У азоблардан қутулиш йўлинигина ахтарарди...

Қадимнинг аллома шоири айтганидек:

Кишидинки қайтти жаҳон ичра бахт,

Ўзи зор бўлур, иши барча сахт.

Агар қочса ҳар сори елдек, қазо

Анга еткурур жавру дарду бало...

Қазо уни қувиб юрган экан. Қува-қува шу сассиқ қамоқхонада бўғзидан ушлади.

Шариф сал ўзига келгач, ўрнидан туриб гандираклаганича бурчакдаги даврага яқинлашди.
— Нима, яна тортгинг келяптими? — деб сўради муштлаган йигит.
— Йўқ, пичоқ бериб туринглар.
— Нима қиласан?
— Туфлим қисяпти, орқасини кесиб қўяй.

Муштлаган йигит унинг оёғига қаради:
— Яп-янги туфли экан, еч, сенга бошқасини берамиз.

Шариф ўтириб туфлисини ечиб берди. Йигит узатган туфлини кийиб:
— Бу ҳам сиқяпти, пичоқ бериб туринг, — деди.

Муштлаган йигит у томонга чирт этиб тупурди-да, кўкрак чўнтагидан буклама пичоқча чиқариб узатди. Шарифга гўё у нажот қайиғини узатгандек бўлди. Шариф жойига қайтиб ўтирди. Нималарнидир ўйлагандай бўлди. Аслида ўйламади. Ўйлай олмас ҳам эди. Ҳам хумор азоби, ҳам иситма унинг миясини шол қилган эди.

У ўтира-ўтира охири аввал ўнг, сўнг сўл билак томирларини кесиб ташлади.

Шундан сўнг азоб чекиниб, ҳузурланди.

Шу пайтгача бу қадар ҳузур кўрмаган эди...

XX боб

1

Тошбақа жайронни қувиб етиб ғажиб ташлаши мумкин бўлмаганидек, Зайнабнинг ўз орзуларига етмоғи мумкин эмасди. Руҳидаги Кумушбибини осиб, отаси-нинг йўлини танлаган кезда, дастлабки қасоснинг аччиқ мевасини татиб, кўнгиллари эзилганда, жаъмики эркак зотидан нафратланиб юрган пайтларда Жамшиднинг тирик эканини, уйига қайтганини эшитди. Эшитди-ю, осиб ўлдирилган руҳи тирила бошлади.

Бу хабарни Ҳайдар амакисидан эшитгани учун дарров ишонди. Кесакполвон бу хабарни Зайнабга бекор етказмади. Асадбекнинг «Жамшид мендан нари юрсин», дегани бир жиҳатдан маъқул бўлди. Буни ўзича Чувринди қанотининг қайрилиши деб англади. Жамшидни ўз томонига оғдириш режасини туза бошлади. У ҳожасининг ўшандаги ғазабини уйғотган сабабни ўзича тахмин этарди. Янгиликни эшитгандаги Зайнабнинг ҳолатини кузатиб, тўғри йўл танлаганига ишонч ҳосил қилди. У Зайнабга валинеъмат бўлганига тўла ишонарди. Демак, унинг муҳаббати орқали Жамшидга таъсир этиш мумкин, деб ҳисоблади.

Чиндан ҳам Зайнабнинг Жамшидга муҳаббати ўлмаган эди. Жамшидни ҳар эслаган замонда руҳи ҳайқирар эди. Энди бу ҳайқириқ унинг қасамлари тўғонини бузди. Эркак зотига бўлган нафрати ҳам истисно тариқасида сусайди. Унинг назарида Жамшид душманларни енгиб, суюклиси бағрига қайтган Отабек тимсолида гавдаланди. Фақат... Отабек суюклиси учун курашган эди. Хомидларни ўлдирган эди. Зайнабнинг Отабеги эса бир одамнинг қаҳридан чўчиб, жон ширинлик қилиб қочворди...

Хаёлига шу фикрлар келиб, ўйланди:

«Ҳозирги вақтда борми Отабеклар?..»

Зайнаб Кумуш бўла олмади, аммо Тупроқбиби бўлгани рост, тупроқдан-да баттар бўлгани рост. Отабеги эса... «Наҳот кўнглида заррача муҳаббат бўлмаса... Наҳот қалбида муҳаббати йўқ инсоннинг бу дунёда яшамоғи мумкин бўлса?..» — Зайнаб ечолмаётган жумбоқлар булар.

Кумушнинг Отабеги бир гўзал мактуб битган эди. Зайнаб бу мактубни ёд олган, хаёлида Жамшиддан шунга ўхшаш мактублар олиб турар эди.

Зайнаб Жамшиднинг тириклигидан бир қувониб, йўқламагани учун бир ранжиб, турли фикрлар ўтида қоврилиб бўлгач, соғинчдан энтиккан юрак яна ўша мактубни қўмсади-ю, «Ўтган кунлар»даги сатрларни ўзига мослади.

«...Суратини кўз ўнгидан кеткиза олмаган, Отабекнинг (яъни Жамшиднинг) юзини кўролмай, сўзини эшита олмаса ҳам ёзған хатини ўқуб эшитиш Кумуш (яъни Зайнаб) учун катта қийматга молик эди. Отаси (хатни отаси эмас, Ҳайдар амакиси берар) йўлакдан кириши билан латиф кўкраги кучлик тин олиш ила кўтарилиб ташланди-да, гўё Отабек (яъни Жамшид) билан учрашатурғондек юраги ўйнамоқға бошлади...»

Ҳайдар амакисидан хатни олгач, у ҳам Кумушбиби сингари уялиб-нетиб турмайди. «...қизарған, қизарган эмас, ич-ичига ботган шаҳло кўзлари, ёш билан синған жингала киприклари, чимирилған тўсдек қора қошлари уни аллақандай бир ҳолга» қўяди. «Қоши устига тўзғиб тушган сочларини» тузатмаёқ хатни ўқийди.

Кумушнинг Отабеги «ой юзли рафиқам, қундуз қошли маъшуқам Кумушхонимга!» деб бошлаган эди. Жамшид акаси соддагина қилиб: «Салом, Зайнаб!» деб бошласа ҳам майлига.

Кумушнинг Отабеги:

«Шайтон устаси бўлган Хомиднинг маним отимдан сизга ёзған талоқ хатиси ила менга қарши ёниб кетган юракингизнинг нафрат ўти эҳтимол энди ўча тушкандир. Сохта талоқ хатини олған сўнгингизда менга хитоб қилиб ёзған фикрларингиздан эҳтимол энди қайтаёзғандирсиз... Бу хатни ёзар экан, муҳаббатингиз билан тўлуқ бўлған юрагим мудҳиш бир ҳақиқат эҳтимолидан яфроқ каби титрар ва ўзининг тўлиб-тошқан ҳасратларини, фарёдларини ифодасидан адашар эди...»

«...Меним учун кўйингизда ва оёғингиз учида жон бериш жуда ширин эди ва кўбдан бери ғоям эди. Шунинг учун яқинроғингизда ўлмак учун, ўлар эканман, сўнг дақиқамда яна бир мартаба бўйингизни олиб ўлиш учун душман томонидан уйингизга очилган туйнукчага кирдим. Кирдим-да, сизнинг бўйингизни олдим, ҳафиф тин олғандағи латиф ухлаған товшингизни эшитдим...»

«...Баъзи эҳтимолларга қарши сиз билан кўришмак менга муяссар бўлмади. Умримда биринчи мартаба кўнгил орзусиға қарши бордим. Чунки манимча орадағи қора тикон супирилган эди. Мундан сўнг ҳамиша меники эдингиз. Мен Тошкандда юрарман, аммо кўзим ўнгида сизнинг ҳайкалингиз! Ажабо, бусиз менга мумкинми?»

Зайнабнинг хаёлидаги Отабеги шу хилда ёза биларми эди? Чиройли сўзлар тополмаса-да, хунук дағал сўзлар ила ёзса-да, майли эди. Нима деб ёзсин? «Отанг мени ўлимга ҳукм этди», десинми? Отасини «душманим» атасинми? Талоқ хати-чи? Талоқ хати бермоқ учун никоҳ лозим. Никоҳ эса... йўқ. Ўртада фақатгина Зайнабнинг аросат муҳаббати бор. Кумушнинг Отабеги учун маъшуқасининг оёғи учида жон бериш ширин эди. Уники эса... Акалари «қоч!» деб эди, қочди...

«Мундан сўнг ҳамиша маники эдингиз...»

Қани энди шундай деса. Оддийгина қилиб, бир буюмга нисбатан айтгандай «Сен — меникисан!» деса ҳам майли.

Йўқ... ёзмади, ёзмайди ҳам.

Отабеклар борми ўзи дунёда?..

Осмонда учғувчи қушларнинг барчаси бургут бўла оларми экан?

Осмонда бургутлар борми экан?..

Буларни кўп ўйлади. Охири «хат ёзмасалар ҳам майли, бир келиб-кетсалар-чи, ҳеч бўлмаса узоқдан кўрай» деб умид қилди. Бечора жувон Жамшид учун бу кўчадан ўтиш таъқиқ этилганини қаердан билсин?

Хат олиш умиди сароб эканига ўзини ишонтиргач, туннинг ҳаловатсиз оғушида суйгани билан кўришмоқ онларини хаёлида жонлантирди...

«—Зайнаб, мен сени соғиниб келдим... Эсингдами, охирги учрашувимизда «Менинг ўрнимда ҳайвон бўлганида хўрланишига чидолмай, ҳеч бўлмаса ўкирарди. Эгасининг раҳми келарди. Эгаси хўрлатиб қўймас эди», дегандинг. Сен кўп хўрландинг, бунга мен айбдорман. Мени кечир, мен сен учун ўч оламан! — дейди.
— Қандай ўч оласиз?
— Аввал отарчини ўлдираман, биламан, сени у зўрлаган.
— У менинг эрим. Ўч олишингизга йўл бермайман.
— Мен сени ундан тортиб оламан.
— Йўқ... Энди кечикдингиз. «Сен синглимсан», деган эдингиз. Сиз... акам бўлинг...»

Шундай дейди...

Аммо хаёлидаги бу гаплар ҳам амалга ошмайди. Жамшидни яна анча вақт кўрмайди. Фақат... Жанозада узоқдан бир кўради. Кўради-ю, аммо юраги «жиз» этмайди. Руҳидаги Кумушбибини осган Асадбекнинг қизи бу пайтга келиб қалбини муҳаббатдан тозалашга эришган эди.

2

Муҳиддин ота кетаётган чоғида Кесакполвон билан суҳбатлашиб турган Жалилни четга тортиб «Огоҳ бўлиб туринг. Ҳозирча шифога умид бор. Аммо бир сабаб бўлиб, яна орқага силжиб кетиш эҳтимоли мавжуд экан», деб шипшиган эди. Кесакполвон «Оқсоқол нима деди?» деб сўрайвергач, Жалил айтди. Ҳар ҳолда Асадбекнинг даволатиш ишида улар ҳамфикр эдилар. Шу сабабли ҳам Жалил унинг бу ҳақиқатдан огоҳ бўлиши фойдадан ҳоли эмас, деб ўйлади.

Бу хабар чиндан ҳам Кесакполвон қалбининг моғор босган қисмида пайт пойлаётган нияти учун фойдали эди. Кесакполвон «Барибир ўлади, шекилли», деб тахт сари йўлдаги ғовларни суриш ҳаракатини тезлаштирди.

Қадимда мушриклар санамларнинг ҳайкалларини ясаб олиб сиғинишар экан. Уларнинг ақидасига кўра, бу санам — Худонинг қизи. Улар ана шу санамга сиғиниш билан унинг отасига — Худога яқинлашмоқни ният қилар экан.

Кесакполвон режаларининг биридан ана ўша мушрикларнинг ҳиди келиб турарди. Тахтни эгаллаш йўлидаги муҳим масалалардан бири — Зайнаб билан яқинлашув эди. Гарчи Мардона воқеасида Зайнабнинг отаси йўлига яқинлашуви ҳали узоқ эканини англаган бўлса-да, фикридан воз кечмади. Билъакс, у билан кўпроқ учрашадиган бўлди. Ўз хаёлида Зайнабни қайта тарбиялай бошлади.

Ана шу кунларнинг бирида Хумкалла унга ғалати хабар етказди. Ҳалимжон деган йигит у билан суҳбатлаша туриб, гапни айлантира-айлантира «Ҳосилбойвачча қаерга кўмилди?» деб сўрабди.

Бу хабар Кесакполвон учун кутилмаган ютуқ эди. Ҳосилбойваччанинг қаерга кўмилгани билан ҳатто Асадбек ҳам қизиқмади. Мурданинг қаерга кўмилганини Чувринди ҳам билмайди. Ғилай унга айтмаган бўлиш керак.

«Ҳалимжон деганига бу нима учун керак?» — деб ўйлади Кесакполвон. «Бунга фақат Хонгирей ёки ўрганнинг одами қизиқиши мумкин. Ҳалимжон ким ўзи? Уни Маҳмуд топган. Маҳмуд... Чувринди укагинам... Сени сийласам, чориғинг билан тўрга чиқяпсанми?.. Шунақа қилаверсанг, битта чориғинг билан қолдираман, бола. Бек аканг сени «ақлли» дейди. Ишқилиб ақлинг сени гўрга етакламасин-да... Мен ҳам сени яхши кўраман. Сенга кўп хизматим сингган. Лекин оёғим орасида ўралашаверсанг, халақит берсанг, Бек Жамшидни аямагандек, ман ҳам сенга раҳм этмайман!»

Кесакполвон бир неча фурсат ўз хаёлига банди бўлгач, жавобга, аниқроғи мақтовга илҳақ Хумкаллага қаради:
— Қаерга кўмилганини сўрадими?
— Сўради.
— Айтдингми?
— Билмайман-ку?

«Ҳа, бу билмайди», деб ўйлади Кесакполвон. Сўнг сўради:
— Билсанг айтармидинг?
— Э, мен жинниманми? Бунақа гапларнинг бировга айтилмаслигини биламан мен.
— Гап бундай: сен Ҳосилбойваччанинг қайси қабристонга кўмилганини биласан, — Кесакполвон шундай деб қабристон номини айтди. — Кўмишга Ғилай бирга борган. Сен ўшандан эшитгансан. Шу гапни қанақасига бўлса ҳам унга айтасан. Кейин беш-олти йигит шу қабристонни пойлайди. Қани билайлик-чи, мурда нима учун керак бўлиб қолди экан?
— Қойиллатамиз! — деб тантанали ваъда берган Хумкалла чиндан ҳам бу гапни ишонарли қилиб етказди. Гўёки Асадбек Ҳосилбойваччанинг бу қабристонга кўмилганини билиб, «Бошқа мозорга қўйиш керак эди», деб сўккан эмиш.

Ҳалимжон бу хабарни кутилмаган муваффақият деб билиб, керакли жойга етказди.

Бу унинг жиддий хатоси бўлди.

3

Ҳалимжондан бу хабарни олган Саид Қодиров бир ишониб, бир ишонқирамай ўйланди. Ўйлай-ўйлай Зоҳидни чақирди.
— Бир-бирларига уруш эълон қилмай туриб, ўзаро урушни бошлаб юборганлари рост чиқяпти, — деди у. Сўнг Чувриндининг Москвага бориб келгани, Жамшиднинг пайдо бўлгани ҳақидаги кутилмаган янгиликни айтди. — Бу ерда ғалати ўйинлар бор, ипларни роса чигаллаштиришган. Чигални ечишни бошлашимиз керак.

Бу Зоҳиднинг кўнглидаги гап бўлди. Аммо энди чигални ечиш осон эмаслигини у билиб турарди. Айниқса Жамшиднинг пайдо бўлиши муаммоси ажаб ҳол эди.
— Суннатуллаевни кузатинг. Ҳамонки, у ўлмаган эканми, демак икки чўнтакларида тўла баҳона бор. Мени бир нарса хавотирга соляпти. Бизнинг одам дастлаб Ҳосилбойвачча қаерда кўмилгани билан қизиққанда уларнинг одами айтмаган. Ҳолбуки, у ҳам ўша куни Асадбекнинг эски ҳовлисига яқин жойда пойлоқчиликда бўлган. У қабристонни уч кундан кейин айтган. Энг муҳими — гапни ўзи бошлаган.
— Бизни чалғитмоқчи бўлган, демоқчимисиз?
— Чалғитиши бир масала. Иккинчи масала — бизнинг одамга қармоқ ташлашган. Ундан шубҳаланишган бўлса-чи? Биз ўша қабристонни боссак, шубҳалари тасдиқланади. Ана унда одамимизни аяб ўтиришмайди.
— Бу турган гап. Понани пона билан чиқаради, деган гап бор. Агар улар бизни чалғитмоқчи бўлса, биз ҳам шундай қилайлик.
— Масалан, қандай?
— Масаланми... Бошқа бир-икки қабристонни суриштирган бўламиз-у, улар айтганга яқинлашмаймиз.
— Бутунлай борилмаса ҳам шубҳали. Уч-тўрт қабристондан сўнг у ерга ҳам ўтиш керак. Ҳозир қўлингизда қандай иш бор?

Зоҳид Ботировнинг охирлаб қолаёзган «Иш»и ҳақида қисқача маълумот берди.
— Қабристонлар билан ўзингиз шуғулланинг. Гўрковларда гап кўп.

Бу ташрифдан сўнг Зоҳиднинг кўнгли ёришди. Кўчага чиққанда осмон ўйини авжда эди. Бевош булутлар чоки сўкилди-ю, Зоҳиднинг кўнглига ҳамоҳанг равишда қуёш бир чарақлади...

4

Омадли одамнинг хўрози ҳам тухум қилади, дейдилар. Кейинги кунларда Кесакполвон ўзини ана шундай омадли ҳис эта бошлади. Улар айтган қабристон эмас, бошқаларининг текширилиши, гўрковларнинг сўроқ қилиниши Ҳалимжонга бўлган гумон оловини заррача бўлса ҳам пасайтирмади. Хизматга келган дастлабки кунларида бўйин эгмаган бу йигитни Кесакполвон унча ёқтирмас эди. Эндиги қизиқиши туфайли уни қармоққа илинтириб, шу билан Чувринди юзига тарсаки урмоқчи, Асадбекни ундан совутмоқчи эди.

Ана шу ташвишлар билан юрганида унга яна омад кулиб боқди: уйига Маматбей кириб келди.

Кесакполвон маишатни барвақт якунлаб, уйига тунги соат иккиларда қайтган эди. Маматбей ўн беш дақиқадан сўнг дарвоза қўнғироғини чалди.

Кесакполвон Асадбекка тақлидан болохона қурдирган, унда икки йигит галма-галдан пойлоқчилик қилишарди.
— Хўжайинингни чақир, — деди Маматбей пойлоқчига.
— Сиз ким бўласиз?
— Хонгирейман, Масковдан келдим.

Кийимини алмаштираётган Кесакполвон йигитнинг гапини эшитиб, «калланг борми?» деб сўкинди. Шубҳасизки, у Хонгирейнинг келганига ишонмади. Аммо «Хонгирейман», деган аҳмоқ ким экан?» деган қизиқиш билан елкасига тўн ташлаб, дарвозахонага чиқди. Маматбейни кўриши билан таниди.
— Салом, қардошим, Хонгирейдан сенга улуғ саломлар, — деди Маматбей у билан кўриша туриб.
— Саломат бўлсинлар, — Кесакполвон шундай деб, уни уйга таклиф қилди.
— Ўзбекларга қойилман, — деди Маматбей, меҳмонхонага кириши билан, — дастурхони доимо шай туради.

Маматбей иззатталаб инсонлардан эмас эди. Кесакполвон «Олинг» деб таклиф қилиши билан дастурхондаги ноз-неъматлардан бетартиб равишда истеъмол қила кетди.

... Бу хонадонга у ўз хоҳиши билан келмади. Хонгирей чиндан ҳам Кесакполвонга салом айтган эди.

Чувринди юртига қайтгач, Хонгирей бир режани обдон пишириш учун бир-икки кун ўйланди. Сўнг Маматбейни чақирди.
— Ўзбекларни нима қилсам экан? — деб сўраб, унга синовчан тикилди.
— Улар ўйин қоидасини бузишди. Майдондан чиқариб ташлаш керак, — деди Маматбей дангалига.
— Мен уларни тўсатдан чиқариб ташлай олмайман.
— Нега?
— Ўзбекларга қўл кўтаришга ҳаққим йўқ. Улар дин қардошлар, бу бир. Иккиламчи, улар устозимга нон беришган. Агар уларга қўл кўтарсам Зели оғамнинг руҳи чирқирайди.
— Уларни жазосиз қолдирмоқчимисиз?
— Ҳосилни Асад ўлдирган. Унга тегмасам ҳам эрта-индин ўзи ўлади. Иккита лайчасини нима қиламиз?
— Очиғи... билмайман, — деди Маматбей. У осон йўлини айтган эди, ҳожаси унамади. Маматбей унинг яширин нияти борлигини пайқаб, жавобдан бўйин товлади.
— Бизга уларнинг биттаси керак. Қайси бири?
— Зўрроғи-да, — деди Маматбей.
— Қайси бири зўр?
— Билмайман.
— Шуни аниқлайсан. У ҳам зўр бўлсин, ҳам бизга итоат этсин — Ҳосилнинг ўрнини боссин. Ўйла!

Маматбей бош эгиб, ўйланган бўлди. Кейин елка қисиб «Амр ҳожамдандир», деган маънода қаради.
— Мен Маҳмудбейга Асаднинг ўрнига сен бўласан, дедим. У бир оз ноз қилди. Лекин мен бунақа нозларга ишонмайман. Ҳали тахтдан воз кечадиган аҳмоқ дунёга келмаган. Юрагига чўғ солганман. Иккинчи чўғни сен Гайдарга соласан. Ана энди иккиси олишсин. Ақллиси, зўри қолади. Бизга ўшаниси керак.

...Ярим кечада Кесакполвон уйига келган Маматбейнинг асосий вазифаси шу — бўлажак тахт эгаси қалбига чўғ солиш эди. Аслида бунда чўғ эмас, тўғрироғи, олов мавжуд эди. Маматбей энди бу оловга мой сепиб аланга олдирмоғи даркор.
— Маҳмудбей Масковдан қандай гап олиб келди?— Маматбей шу саволни бериб, айёрона кулимсиради.
— У Хонгирейнинг совғасини олиб келди, — деди Кесакполвон, гапни қисқа қилиб.
— Асадбейнинг соғлиғи қалай?
— Яхши, — Кесакполвон шундай деб ажабланди.
— Бу касал ёмон... охири олиб кетади...
— Нима деяпсиз?
— Ракнинг давоси йўқ.
— Рак деб ким айтди сизга?
— Ким айтиши мумкин? Ҳа, яна бир савол: Асадбей нима сабабдан Ҳосилбейни отди, билмайсанми?
— Асадбек отмади.
— Сенга ёлғон гапириш ярашмайди. Асадбейнинг ўрнига ўтирадиган одам ҳақгўй бўлиши керак.
— Ҳақгўй денг... Битта донишманд айтган экан: «Агар рўпарангдан заҳарли илон билан ҳақгўй чиқиб қолса, аввал ҳақгўйни ўлдир».
— Биз ундай донишманд эмасмиз. Биз оддий одамлармиз. Ҳақгўйларни яхши кўрамиз.
— Ҳақиқат шуки, ўша куни мен бошқа ёқда эдим.
— Билишимизча, Ҳосилни сен кўмибсан?
— Ким айтди?
— Ким айтиши мумкин? — деб жилмайди у. — Умуман савоб иш қилгансан. Мусулмонни кўмиб қўйган яхши.
— Шу гапларни... Маҳмуд айтдими?
— Айтмаганида... Жамшидбей иккита каллани кўтариб келган бўларди. Ғилай садоқатлироқ экан, чурқ этмади. Сенлар ўргатган гапни тўтиқушдай такрорлайверди.
— Бу гапларни нима учун менга айтяпсиз?
— Хонгирей Асадбей ўрнида сени кўрмоқчи. Маҳмудбейда шундай ҳаракат борлиги бизга маълум. Лекин у эплай олмайди. Асадбейнинг энг яқин одами — сенсан. Биз сенларнинг ишларингизга аралашмаймиз. Ўзларинг ҳал қилларинг. Мен «лалайиб ўтириб, ўлжани оғзингдан олдирма!» дегани атайин келдим.

Кесакполвон унинг келишидан мақсадини сезгандай бўлди. Шу боис ўсмоқчилаб сўради:
— Агар ёрдамингиз керак бўлса-чи?
— Биз — қардошлармиз, — деди Маматбей.

Кесакполвон келажакда нима бўлиши билан иши йўқ, бугун ҳамнафас топилганидан қувониб, қадаҳни уриштириб ичди.

XXI боб

1

Ривоят қилишларича, Мусо алайҳиссалом Бани Исроил қавми билан Фиръавн зулмидан қутулмоқ ниятида Мисрдан чиқиб кетаётганларида йўлларини тўсиб турган денгиз Оллоҳнинг қудрати ила иккига бўлиниб, барчалари ундан эсон-омон ўтиб олган эканлар. Қувиб келаётган Фиръавн ва унинг лашкарлари ўртага келганларида денгиз изига қайтиб, қўшилиб уларни қаърига ютган экан. Ўлими ҳақ эканини билган Фиръавн иймон келтириб «Мен мусулмонлардандирман — Оллоҳга бўйинсунувчилардандурман», деган экан.

Асадбек ҳам Абдураҳмон табибникида шу ҳолда эди. Гарчи у Фиръавн каби ўзини Худо деб билмаган бўлса-да, Оллоҳнинг бирлигига ҳамиша ишониб келган эса-да, иймон чегарасига анча кеч яқинлашган эди. Фиръавн учун айтилган «Ал ана ва қод осойта қаблу ва кунта минал муфсидийн»[3] ояти каримасини балки Асадбек учун ҳам эсламоқ жоиздир, валлоҳи аълам? Бу каби ҳукм этмакка бизда (ҳуқуқ) йўқтур. Аммо Расули Акрам жанобимиз Оллоҳдан ривоят этган сўзда буюрилганки: «Я бани Адама! Иза вақаат фил балаи закартани ва иза кашафтуҳу насийтани кааннака маа арафтани».[4]

Асадбек кабилар учундир, деб фикр қилишимизнинг боиси шундаки, азон товшини эшитганда, хусусан Абдураҳмон табибникида ибодатни ихтиёр этган одам, хасталиги чекина боргани сайин яна асл ҳолига қайта бошлади. Бу ғофил банда шифога етишмоғи бир синов эканини, булутлар орасида кўринган қуёш дилларни бир яйратиб, сўнг яна беркинишини, сўнг кўп ўтмай тун бошланаяжагини қайдан билсин?

Абдураҳмон табибникида «Уйга боргач, ҳар куни масжидга чиқаман», деган қарорга келган Асадбек аҳдига вафо қилмади, ўз ташвишларига берилиб кетди.

Айниқса, Хонгирейнинг совғаси уни кўп ўйламоққа, тадбир билан иш юритмоққа мажбур этди. Жамшиднинг озгина муддат бўлса-да, Хонгирей қўлида таълим олиб қайтгани ҳам унга бир ташвиш эди. Шу боис унинг изидан одам қўйди, қизини ҳам кузатди. Зайнаб кўпроқ ота уйида бўлгани сабабли уни ортиқча кузатишнинг ҳожати ҳам йўқ эди. Лекин бу кузатув бошқа натижа берди: Кесакполвоннинг Зайнаб атрофида ўралашиб юришини Асадбекнинг ўзи ҳам сезди, йигитлар ҳам айтишди. Ҳамиша бузуқлик ботқоғига ботиб юрувчи Кесакполвоннинг Зайнаб атрофида ивирсишидан Асадбек бошқа гумонга борди. Шаҳар марказидаги уч қаватли иморатнинг ертўласига жойлашган идорасида Кесакполвон билан ёлғиз қолганида шу мавзуда гап очди:
— Зайнабнинг атрофида нима учун ўралашиб қолдинг? — деди Асадбек унга қаттиқ тикилиб.

Кесакполвон бир кунмас-бир кун шундай савол берилишини кутгани учун довдирамади.
— Мен унинг амакисиман. Ўз қизимдан аъло кўраман. Бечора эзилиб кетди-ку?
— Сенинг ишинг бўлмасин. Эзилиб кетган бўлса, қарайдиган отаси бор.
— Маҳмудга ҳам шундай дейсанми?
— Маҳмуд мен айтган ишни қилади.
— Маҳмуд уни игнага олиб борди.
— Бекор айтибсан!
— Сен яширганинг билан деворларнинг қулоқлари бор. Бизга ҳам етиб келади. Ўзинг гап очдинг, айтай: ўғилларингни олим бўлишини истардинг — бу ўзингнинг ишинг. Менда ўғил йўқ. Қизим ясан-тусандан бошқасини билмайди. Лекин Зайнаб бошқача. У сенинг йўлингдан бормоқчи. У сенга ўхшайди. Ақлли, қўрқмас, қасоскор...
— Валдирама! — деди Асадбек жаҳл билан. Кейин бехосдан қизининг «Уларни ўзимга қўйиб беринг» деган овозини қайта эшитгандек бўлди.
— Энди сен валдирамай эшит: Зайнаб ўч олмоқчи экан, мен ёрдам бердим.
— Қанақа ўч?
— У Мардонани ўлдирди... ўз қўли билан.
— Бекор айтибсан! Уни... қаердан топдинг?
— У Ғилайнинг ўйнаши эди.
— Ҳайвон! Сен ҳаддингдан ошяпсан! — деб бақирди Асадбек.
— Ҳайвон бўлсам ҳам сенга содиқман. Фақат сенга яхшилик қилишни ўйлайман.

Яхшилик қилиш... Асадбек фарзандларини бу ишлардан нари бўлишларини истар эди. Нодон аъёни эса қизини бу йўлга киритиб, яна «яхшилик қилдим» деб керилади... Асадбек қизининг одам ўлдириши мумкинлигини тасаввурига сиғдиролмас эди. Ҳозир ҳам бир зумгина кўзларини юмиб аввал тўппонча ушлаган, сўнг пичоқ санчаётган, сўнг... бўғаётган Зайнабни кўриб инграб юборди-да, кулдонни олиб, рўпарасидаги Кесакполвонга қараб отди. Оғир кулдон елкасига тегиб, зириллатган бўлишига қарамай, Кесакполвон сапчиб туриб, Асадбекнинг қўлларига ёпишди.
— Асад, ўзингни тут, жаҳлинг чиқмасин!
— Сен... ҳайвон, мактабдалигингда башарамга туфлаган эдинг. Энди юрагимга туфламоқчимисан?
— Ундай дема, Асад, мен фақат ишимизни ўйладим.
— Ҳе, ишингни!.. — Асадбек бўралаб сўкди. Кесакполвонни нари итариб, тепмоқчи эди, кучи етмади. Илгариги ҳоли бўлганда бу одамчани булғалаб ташлаган бўларди. Қуввати етмагани боис бутун қаҳрини тили орқали сочди: — Сен кесак полвон эдинг. Хоҳлайсанми, йўқми, шундайсан. Сен одам бўлмайсан ҳеч қачон! Йўқол, турқингни кўрсатма!

Кесакполвонни авваллари ҳам Асадбек сўкиб турарди. Лекин бу сафаргиси ошиб тушди. Аввалгилари Кесакполвоннинг ўнг қулоғидан кириб чап қулоғидан чиқарди. Буниси ҳар икки қулоғидан кириб юрагига қурум каби ўтирди. Асадбекнинг бу қадар ғазабга миниши сабабини излаб, кўз олдига Чувриндини келтирди. Аммо ҳожасига сир бермади. Асадбек уни идорасидан ҳайдаб чиқарган бўлса-да, эртасига нонушта пайти ҳожасиникига қаймоқхўрликка келди. Асадбек уни уйидан қувмади.

2

— Ҳа, йигитнинг гули, бормисан бу оламда?

Ўйга толиб ўтирган Жамшид Кесакполвоннинг овозини эшитиб, енгил сесканди-да, кўришмак учун ўрнидан жилди.

Қувғинди бўлганидан бери тақдир ўйинларига ажабланиб юрган Жамшид овлоқ кўчаларда адашиб тентираган кимса ҳолига тушган эди. Зелихондан ўзининг «фожиали ўлими», «дафн маросими»ни эшитганда таажжубланган эди. Воқеанинг даҳшатини уйида ҳис этди.

Энг аввал ўгай онасининг эси оғиб қолаёзди. Эрига овқат егизаётган аёл ҳовлида ўгай ўғлини кўрди-ю, аввал кўзларига ишонмади. Жамшид уйга кириб, салом бергач, «Вой, вой, худойим!» деганича ўрнидан қўзғалолмай қолди. Тилдан, ҳаракатдан қолган отаси кўзларида эса ёш кўринди. У ўғлининг «ўлимидан» бехабар бўлса-да, қалби бир ёвузликни сезган, ўзини соғиниб ётган эди.

Кейин қариндошлар йўқлови бошланди. Бири нима гап бўлганини батафсил билишни хоҳлайди, бири шунчаки кўнгил сўрайди.

Кесакполвондан сал олдин келиб кетган меҳмон эса шунчаки сўрамади. У бўлган воқеаларни ипидан-игнасигача билишни истади. Бу меҳмон — Зоҳид эди.

Зоҳид сўроқни узоқдан — унинг биринчи қамалишидан бошлаб, гапни «ўлими»га олиб бориб тақади. Жамшид Чувринди билан пишитган маслаҳатига кўра «номаълум кишилар машинасини тўхтатишганини, уриб, беҳуш қилиб номаълум ёққа олиб кетишганини, бир неча ой ертўлада сақлашганини» айтди. Зоҳид унинг уйдирмаларини индамай ўтириб эшитди. «Бир неча ой ертўлада ётганини» эшитиб, унга тикилди-да, ўзича «Бир неча ой ертўлада ётган одамнинг ранги бунақа бўлмас», деб ўйлади. Бироқ, гумонини сиртига чиқармади.
— Улар сизни нима учун уришди, нима сабабдан қамаб қўйишди? — деб сўради Зоҳид.

Бу кутилмаган саволга Жамшид қийналмай жавоб қайтарди:
— Аниқ билмайман. Йигитчилик... Бир қиз туфайли бўлса керак.
— Ким у қиз?
— Фақат исмини биламан. Кўчада танишганман. Учрашиб турардик. Унга ҳали тегинмаган эдим.
— Нима учун айнан шу қиз туфайли деб ўйлаяпсиз?
— Ертўлада бир гап бўлувди. «Қизни узатамиз, агар номуссиз чиқса — сенинг ўлганинг» деб шарт қўйишган.
— Демак, улар тўйни кутишган, шундайми?
— Шунақадир.
— Агар қизга совчи келмаса, бир-икки йил ертўлада ётармидингиз?
— Шунақага ўхшайди.
— Шу қизга ўзинг уйланасан дейишмадими?
— Бунақа шарт бўлмади.
— Шу айтган гапларингизга ўзингиз ишонасизми?
— Сиз ишонмаяпсизми?
— Хўп, ишондим ҳам дейлик. Хўш, унда нима учун ўликхонадан мурда олиб ёқиб кетишди.
— Сабаби оддий: мени қидиришмасин, дейишган.
— Ким қидиради?
— Бизда йўқолган одамни ким қидиради? Милиса-да.
— Сизнинг бундай йўқолганингизни Маҳмуд акангиз ҳам билмасмидилар?
— Ҳеч ким билмаган.

Зоҳиднинг тилига бир савол келди-ю, айтишдан олдин ўйланиб қолди.

2

— Ҳа, йигитнинг гули, бормисан бу оламда?

Ўйга толиб ўтирган Жамшид Кесакполвоннинг овозини эшитиб, енгил сесканди-да, кўришмак учун ўрнидан жилди.

Қувғинди бўлганидан бери тақдир ўйинларига ажабланиб юрган Жамшид овлоқ кўчаларда адашиб тентираган кимса ҳолига тушган эди. Зелихондан ўзининг «фожиали ўлими», «дафн маросими»ни эшитганда таажжубланган эди. Воқеанинг даҳшатини уйида ҳис этди.

Энг аввал ўгай онасининг эси оғиб қолаёзди. Эрига овқат егизаётган аёл ҳовлида ўгай ўғлини кўрди-ю, аввал кўзларига ишонмади. Жамшид уйга кириб, салом бергач, «Вой, вой, худойим!» деганича ўрнидан қўзғалолмай қолди. Тилдан, ҳаракатдан қолган отаси кўзларида эса ёш кўринди. У ўғлининг «ўлимидан» бехабар бўлса-да, қалби бир ёвузликни сезган, ўзини соғиниб ётган эди.

Кейин қариндошлар йўқлови бошланди. Бири нима гап бўлганини батафсил билишни хоҳлайди, бири шунчаки кўнгил сўрайди.

Кесакполвондан сал олдин келиб кетган меҳмон эса шунчаки сўрамади. У бўлган воқеаларни ипидан-игнасигача билишни истади. Бу меҳмон — Зоҳид эди.

Зоҳид сўроқни узоқдан — унинг биринчи қамалишидан бошлаб, гапни «ўлими»га олиб бориб тақади. Жамшид Чувринди билан пишитган маслаҳатига кўра «номаълум кишилар машинасини тўхтатишганини, уриб, беҳуш қилиб номаълум ёққа олиб кетишганини, бир неча ой ертўлада сақлашганини» айтди. Зоҳид унинг уйдирмаларини индамай ўтириб эшитди. «Бир неча ой ертўлада ётганини» эшитиб, унга тикилди-да, ўзича «Бир неча ой ертўлада ётган одамнинг ранги бунақа бўлмас», деб ўйлади. Бироқ, гумонини сиртига чиқармади.
— Улар сизни нима учун уришди, нима сабабдан қамаб қўйишди? — деб сўради Зоҳид.

Бу кутилмаган саволга Жамшид қийналмай жавоб қайтарди:
— Аниқ билмайман. Йигитчилик... Бир қиз туфайли бўлса керак.
— Ким у қиз?
— Фақат исмини биламан. Кўчада танишганман. Учрашиб турардик. Унга ҳали тегинмаган эдим.
— Нима учун айнан шу қиз туфайли деб ўйлаяпсиз?
— Ертўлада бир гап бўлувди. «Қизни узатамиз, агар номуссиз чиқса — сенинг ўлганинг» деб шарт қўйишган.
— Демак, улар тўйни кутишган, шундайми?
— Шунақадир.
— Агар қизга совчи келмаса, бир-икки йил ертўлада ётармидингиз?
— Шунақага ўхшайди.
— Шу қизга ўзинг уйланасан дейишмадими?
— Бунақа шарт бўлмади.
— Шу айтган гапларингизга ўзингиз ишонасизми?
— Сиз ишонмаяпсизми?
— Хўп, ишондим ҳам дейлик. Хўш, унда нима учун ўликхонадан мурда олиб ёқиб кетишди.
— Сабаби оддий: мени қидиришмасин, дейишган.
— Ким қидиради?
— Бизда йўқолган одамни ким қидиради? Милиса-да.
— Сизнинг бундай йўқолганингизни Маҳмуд акангиз ҳам билмасмидилар?
— Ҳеч ким билмаган.

Зоҳиднинг тилига бир савол келди-ю, айтишдан олдин ўйланиб қолди.

«Сиз Маҳмуд акангиз билан бир самолётда келибсиз, сиз қамалган ертўла Москва томонларда эдими?» — деб сўрашнинг айни пайти эди. Лекин бу хабарни Саид Қодировга етказган одам шубҳа остига тушиб қолишини ҳисобга олиб, саволни кейинги учрашувлар учун асраб қўйди.

Зоҳид сукутга берилгани ҳолда Жамшиддан кўз узмас эди. Сезгирликда анча-мунча одамга дарс бера олувчи Жамшид эса бу қараш замирида кўп гаплар яшириниб ётганини фаҳм этарди. Шунинг асносида тўқиган уйдирмалари пуч эканини ҳам ҳис этиб, ўзидан ўзи норизо бўларди.

Зоҳиднинг сукути узоқ чўзилмади.
— Сиз телевизор кўриб турасизми? — деди у.
— Ҳа, унда-бунда... — деди Жамшид саволдан мақсадни уқмай.
— Бир эълон беришяпти. «Хайрли тун, кичкинтойлар», деган кўрсатувлари бор. Шу кўрсатувни олиб бориш учун яхши эртакчи одам керак экан. Бир хабарлашинг. Шу иш айнан сиз учун, — Зоҳид шундай деб заҳарли жилмайди-да, хайрлашиш учун қўл узата туриб қўшимча қилди: — Эртакларингизнинг мухлисиман. Яна учрашамиз. Янгиларидан эшитаман, деган умидим бор.

Ҳамиша дангал гаплашишга ўрганган, сўз келмаган тақдирда мушт тилида гаплашган Жамшид бу кинояни ҳазм қила олмади. Бундай учрашув ҳали кўп бўлишини англаб, ғижинди. Мурдани осиб ёқиб юборган акахонларининг катта хатога йўл қўйганларига унда шубҳа йўқ эди. Уларнинг оламида катта хатолар қон эвазига тузатилгувчи эди. Бу хато кимнинг қони эвазига тузатилади?

Жамшид шу саволга жавоб излаб ўтирган дамда таниш овозни эшитди:
— Ҳа, йигитнинг гули, бормисан бу оламда?

Жамшид Кесакполвонни Асадбек ҳузурида кўргандан бери учрашмаган эди. Унинг уйга кириб келишидан ажабланган ҳолда саломлашди. Кесакполвон батартиб хонага кўз ташлаб олгач, диванга ўтирди.
— Ҳайдар деган акахоним бор эди, деб бир йўқлаб ҳам қўймайсан-а? — деди у гина оҳангида.
— Биздан нарироқ юрсин, деган гапни эшитувдим,— деди Жамшид худди шу оҳангда.
— Бу Бек акангнинг гапи. Сен ундан хафа бўлма. Ҳозир касал, юрагига ҳеч нарса сиғмаяпти.
— Бек акамдан хафа бўлган куним — ўлган куним.
— Бу гапни яхши айтдинг. Асаддай одам бу дунёда бошқа йўқ. Сен ўзимизнинг одамсан. Шунинг учун сени ўлимдан олиб қолдим. — Кесакполвон «ўлимдан олиб қолдим» деган гапга алоҳида урғу бериб, «тириклигинг учун Маҳмуд акангга эмас, менга қуллуқ қил», деб шама қилди. — Ҳозир ишларимиз бироз нотинчлигини биларсан? Ҳар ҳолда Красноярларда бекор юрмагандирсан?
— Козловни қидирдик.
— Буни биламан. Сен Хонгирейнинг қўлига қандай тушиб қолдинг?

Жамшид бу тафсилотни яширмай, барчасини айтиб берди.
— Хонгирей билан ҳеч гаплашдингми?
— Йўқ.
— Сенга улар қандай топшириқ беришди?
— Ҳеч қандай. Юртингга жўна, дейишди, вассалом.
— Кузатиб юр, бирон гап бўлса етказасан, дейишмадими?
— Мен гап етказадиган хотинчалиш эмасман.
— Эркаксан, эркак! — Кесакполвон унга бир оз тикилди-да, сўнг гапини давом эттирди. — Масковдан Маҳмуд аканг билан отамлашиб келибсан-да, а? Маҳмуд аканг сенга қанақа топшириқ беряпти?
— Ҳозирча уйда ўтир, деганлар.
— Сен уйда тухум босиб ўтиришни хоҳламасдинг, шекилли?
— Иш бўлса, айтинг, қилай?
— Бир иш бор. Лекин буни иккаламиз биламиз. Бек аканг ҳам, Маҳмуд аканг ҳам сезмаслиги керак. Шу шартга кўнсанг, айтай.
— Сиз... улардан яширинча иш юритмоқчимисиз?
— Ақлинг ўтмаслашиб қолибди, бола. Хаёлингга дарров бузуқ фикр келдими? Мен шерикларимга қарши иш қиладиган номардманми?
— Ундай деганим йўқ.
— Ҳе, сени устозингни... — Кесакполвон икки оғиз «ширин сўзлар»дан сўнг муддаосига яқинлашди.— Бир одамда шубҳа бор. Шуни кузатиш керак. Хитларнинг хизматини қилаётганини сезган заҳотинг йўқотасан.
— Ким?
— Сен аввал шартимга розилигингни айт.
— Розиман.
— Ҳалим деган бола. У сенинг ўрнингни босмоқчи эди. Бек акангга, Маҳмуд акангга ҳам яқин. Бурни узунга ўхшайди. Бир нималарнинг ҳидини олиб юрибди. Сен азият чеккан боласан. У билан ошна бўлиб олиб, бир-икки минғирлаб ҳасрат қил. Хуллас, илон бўлиб қўйнига кириб ол. Чақ, дейишим билан чақиб ўлдирасан.

Кесакполвон бир ўқ билан икки қуённи урмоқчи эди. Аввало Жамшид топшириқни бажарса, Ҳалимжонни йўқ қилиши мумкин. Лалайса, эплай олмаса, Ҳалимжон уни гумдон қилади. Ҳар икки ҳолатда ҳам ютуқ Кесакполвонда бўлади.

3

Аъёни билан бўлган можаро Асадбекнинг дилини хуфтон қилди. У ўзининг хасталиги аъёнлари орасига раҳна солиши мумкинлигини тахмин қилиб юрарди. Тўрт-беш йил илгари эшитган бир латифани такрорлаб туришни яхши кўрарди. Табибдан қайтганидан бери Кесакполвоннинг Чувриндига нисбатан айтаётган гаплари уни анча сергак торттирди. Икковини ёнига олиб: «Мен ҳали тирикман. Ҳозирдан бир-бирингни ғажишни бошламаларинг», демоқчи ҳам бўлди. Кейин «балки мен адашаётгандирман», деб ўйлаб фикридан қайтди. Фақат бир латифа айтиб берди.

Бу аччиқ ҳақиқатдан иборат латифани шарҳлаб ўтирмади. «Ўзлари тушуниб, хулоса чиқариб олишар», деб ўйлаб, нодонлик қилди. У адашди: зулм мевасидан баҳраманд одамларни латифа айтиб тарбия қилмоқ мутлақ мумкин эмасдир. Ташналикни сув қондириши қанчалик ҳақиқат бўлса, Кесакполвонга бу гапларнинг таъсир этмаслиги ҳам шунчалик ҳақиқат эди. Хонгирейнинг суҳбатидан сўнг ўзини аҳён-аҳёнда бўлса-да «тахт» устида кўра бошлаган Чувриндига ҳам энди бундай гаплар таъсир этмас эди.

Асадбекнинг ғазаб отига миниши фақат Зайнаб туфайли эмас эди. У аъёнларининг тахт талаша бошлаганига ишониб бораётган эди. Хонгирей билан муносабат бузилганда буларнинг хурмача қилиқлари ошиқча эди. Гарчи Хонгирей у билан телефонда сўзлашган бўлса-да, Асадбек унинг юборган «совға»сидан шум ниятини англади. Ҳосилбойваччани ўлдириб, хатога йўл қўйганини ҳам фаҳм этди. Вазият кескинлашган дамда Кесакполвоннинг Зайнабни бу оламга тортиши унга мудҳиш ҳол бўлиб туюлди.

Кесакполвонни ҳайдаб чиқаргандан сўнг Зайнабни тезлик билан Олмонияга жўнатмоғи лозимлигини англади.

Шу фикрда уйга қайтганида, ҳовли ўртасида туриб олиб Зайнабга ақл ўргатаётган Жалилни кўрди. Жалил дарвозага орқа қилиб тургани учун Асадбекнинг келаётганини сезмай ваъзини давом эттирди:
— Шунақа, қизим, ота ўтирган уйнинг томига чиқиб бўлмайди...

Зайнаб отасига салом бергач, Жалил орқасига ўгирилди.
— Энди кетмоқчи бўлиб турувдим, аҳволинг қалай?— деди ошнаси билан сўрашиб.
— Яхши, — деди Асадбек тумтайган ҳолда.

Ошнасининг кайфияти бузуқ эканини сезган Жалил, уйига қайтиш фикридан воз кечиб, унга эргашди.

Асадбек ичкари кирди-ю, лўлаболишни қўлтиғига олиб, ёнбошлади.
— Ҳа, мазанг қочдими? — деб сўради Жалил, унинг рўпарасидан жой олиб.
— Бирпас жим ўтир.
— Гапим ёқмаётган бўлса, кета қолай!
— Бирпас жим ўтир, деяпман!

Жалил «хўп» деб тиз чўкканича, итоаткор талаба сингари индамай ўтирди.

Хонадаги сукунат то Зайнаб чой олиб киргунича чўзилди.
— Ада, овқат олиб келаверайми, олдин дорингизни ичиб оласизми?
— Ҳа, албатта, олдин дорини ичади, — деб Асадбек ўрнига жавоб берди Жалил.

Асадбек дорини ичди-ю, аммо овқатга қарамади. Илон кукуни солинган қайнатма шўрвани хўриллатиб ичиб олган Жалилни тер босди.
— Бўлди, энди жа оширвординг. Сени тумтайишингни кўрган одам, бу куёвтўранинг хотини қари чиқибди, деб ўйлайди. Овқатингни ич.
— Овқат ўтмайди.
— Бўлмаса, ёрила қол: нима бўлди?

Жалилнинг гапида жон бор: ёрилмаса, дардини айтмаса бўлмайди.
— Жалил... — шундай деб тин олди. — Жалил... мен оғирлашганимда... Ҳеч нимани сезмадингми?
— Нимани?
— Ҳайдар билан Маҳмуд ўртасида гап ўтмадими?
— Ҳа, буми... — Жалил унинг мақсадини англади. — Энди, оғайни, ўзинг гап очдинг, айтай: мол аччиғи — жон аччиғи, деган мақол бор. Подшо касал бўлса, меросхўрлар пайт пойлашади.
— Ўлимимни кутишяптими? Шунақа демоқчимисан?
— Мен уларнинг ичидаги мақсадларини билмайман.
— Ҳайдар Маҳмудни тинч қўймайди, деб чўчияпман.

Чўчияпман... Ҳеч нарсадан қўрқмайдиган Асадбекнинг чўчиши қизиқ... «Чўчиётган бўлса, юраги бир нарсани сезган», деб ўйлади Жалил.
— Ҳайдарингнинг қўлидан ҳар бало келади. Сенга неча марта «Шу паканангнинг турқи совуқ, ўзингдан узоқлат!» деб айтувдим-а?
— Вақтида менга керак эди. Ёрдами кўп теккан. Энди замон ўзгарди, лекин у ўзгармаяпти. Замонга қараб иш юритмайди.
— Ўшанинг ўзгарарканми? Букирни гўр тўғрилайди. Сенга анчадан бери айтишга тилим бормаётган эди. Сен унинг бир қилиғини билиб қўйишинг керак.— Жалил шундай деб унинг Абдураҳмон табибга учрашгани, сўнг отларини оттирганини айтди. Бу гапларни эшитган Асадбек қаҳр отига минди:
— Хунасанинг чотини айириб ташлайман! — деб бақирди.

Жалил уни фикридан қайтаришга уринмади. Агар Кесакполвон ҳозир шу ерда бўлганида бир балога учраши нақд эди. Бахтига орада тун бор. Тун ва сокинлик Асадбек учун маслаҳатчи бўлди. У ўйлай-ўйлай Кесакполвон билан ҳозирча муроса қилмоқ жоиз эканини англади. Шу боис ҳам эрталаб Кесакполвон қаймоқ кўтариб кирганида уни қувмади, ғазаб отидан тушмаган бўлса-да, қаҳрини сочмади.

Қаймоқ устига нон тўғраётган Кесакполвонга синовчан тикилди-да:
— Ҳайдар, сен отларнинг фарқига борасанми? — деб сўради.

Кесакполвон бу саволдан сўрағувчининг мақсадини англаган бўлса-да, сир бой бермади.
— Қанақа отлар?
— Ҳа, энди отлар ҳар хил бўлади: аравага қўшадигани, улоқчиси.
— Қазига бопи...
— Ҳа, билар экансан.
— Мен отларнинг фарқига бормайман. Нега сўраяпсан?
— Зўр улоқчи отлардан иккитасини топиш керак. Нархи осмон баравар бўлса ҳам сотиб оламиз.
— Нима бало, улоқ чопмоқчимисан?
— Мени даволаган табиб улоққа ишқибоз экан. Шунга совға қиламиз.
— Яхши ўйлабсан. Гап йўқ, топамиз.
— Ўша табибнинг отларини кимдир отиб кетибди...

Қаймоққа бўккан нонни ҳузурланиб чайнаётган Кесакполвон бир ҳўплам чой билан луқмасини ютди-да:
— Жалил айтдими? — деди беписандлик билан.
— Ҳа, айтди.
— Бекор айтибди. Мени биласан-ку, ғашимга тегса ўзини отаман. Отлари билан нима ишим бор?
— Жалилнинг гапи ёлғонми ё сеникими?
— Уйингда Қуръон бўлса бер, Қуръон урсин, агар ёлғон гапирсам.

Асадбек унинг қасамига ишонгандай бўлди. Кўнглидан «Ҳали бу гапга қайтамиз», деган фикрни ўтказиб:
— Қаймоғингни е. Бир ҳафтада зўр отлардан топасан, бу сенинг қўлингдан келади, — деди.

Кесакполвон уч кунда отларни топди. Абдураҳмон табибга етказди. Аммо у отларни олмади, изига қайтарди. Бундан ғаши келган Кесакполвон уларни сўйдириб, қази қилдирди.

XXII боб

1

Жамшид «Хонгирейдан ҳеч қандай топшириқ олмадим», деб ёлғон гапирган эди. Ғилай ўлими олдидан Ҳосилбойваччани ўлдирган Элчинни отганини айтган бўлса-да, унинг гапларига унча ишонишмаган, Ҳосилбойваччани Элчин ўлдириши улар учун ҳақиқатдан узоқ бир гап эди. Жамшиднинг вазифаси эса айни ҳақиқатни билиш эди.

Кесакполвон келиб-кетган куннинг эртасига Элчин ётган касалхонани қоралаб бориб кузатди. Кейинги кун оқшом чоғида Элчинни йўқлаш мақсадида келиб, Асадбекка тегишли машиналардан бирини кўрди-ю, ўзини панага олди.

Орадан ўн-ўн беш дақиқа ўтгач, Зайнаб кўринди. Бошини эгиб юриб келган Зайнаб ҳеч қаёққа қарамай машинага ўтирди. Жамшид ҳайдовчини танимади. «Ҳайдар акам айтган йигит шуми?» деб ўйлади.

Жамшид «буёққа кириш мумкин эмас», деган ҳамширанинг чўнтагига пул солиб қўйди-ю, ўз уйига кириб бораётгандай эшикни бемалол очиб, остона ҳатлади.

Элчининг кўзлари ярим юмуқ — унинг ўлик ёки тирик эканини билиш мушкул эди.

Элчин кўз олдини қоплаган хира парда орқали Жамшидни таниди. Бу жингалак сочли йигитни унутиш мумкин эмасди.

Ҳозиргина Зайнаб келиб кетди. Табиб Элчинни беҳуш деб ўйладими, «Эрингизни уйга олиб кетганингиз маъқулмикин?» деди. Элчин бу гапни эшитди. «Ишим хуржун шекилли?» деб ўйлади. Кейин Зайнабнинг овозини эшитди:
— Агар эримга бир нима бўлса, ҳаммангиз қурийсиз!..

Овоз Зайнабники... лекин оҳанг... Зайнаб бу оҳангда гапирмас эди...

Элчин хотинининг қалбдаги Кумушбибини осиб, Асадбек қизига айланмоқчи бўлаётганидан бехабар эди. Шу боис гап оҳанги унга бегона туюлди.

Зайнаб чиқиб кетиши билан... Жамшид кирди. Элчин орада ўтган ярим соатни сезмади. Назарида Жамшид изма-из кириб келгандай бўлди.

«Дарров топишиб олишибдими? Ўшанда Зайнаб тўғрисини айтганмиди?

«— Мен Жамшид акамни яхши кўрардим... Сизга хиёнат қилдим!..»

Зайнабнинг бу фарёди ёдидан кўтарилгани йўқ. Бу фарёд ўқтин-ўқтин қўзғолиб юрак ярасига туз сепарди. Шундай пайтда Элчин руҳ азобида бир инграрди-ю, «Зайнаб жон аччиғида айтди», деб ўзини-ўзи ишонтира бошлар эди.

Ҳозир эса...

Ўзини ўзи ишонтиришга ҳаракат ҳам қилмади.

Чунки... рўпарасида хотини ёқтириб қолган ўша одам турар эди.

Жамшид унга яқинлашди.

«Нимага яқин келяпти? Бўғиб ўлдирмоқчими? Биратўла Зайнабга эга чиқмоқчими?»

Жамшид яқинлашиб, у томон энгашди:
— Ҳофиз ака, эшитяпсизми?

Элчиннинг юзига унинг нафаси урилиб, енгил сесканди.
— Ҳофиз ака!
— Гапиролмайдилар, — деди хонага кириб келган ҳамшира.
— Тилдан қолганми?
— Келганларидан бери гапирмайдилар. Гапирмасалар ҳам керак.
— Нима учун?
— Билмасам, дўхтирлар шунақа дейишяпти...

2

Асадбекнинг муомаласидаги ўзгариш Кесакполвонга маъқул келса-да, айни чоқда сергаклантирди. Назарида «Чувринди укагинаси» ундан ўзини олиб қочаётгандек туюлди. Чувринди Шариф Намозов масаласида Москвага бориб келгач, Кесакполвонни Маматбей йўқлади. «Уканг ҳокимиятни ўз қўлимга оламан, бу ишни мендан бошқа ҳеч ким эплай олмайди», деб Хонгирей билан шартлашди. Хонгирей Асадбекни ҳам, сени ҳам тан олмайди!» деб тутаб турган оловга мой сепди. Кесакполвонни бу гапга ишонтириш учун телефонда Хонгирей билан улади.

«— Хонгирей оға, бу мен, Ҳайдарман!
— Қанақа Гайдар?
— Асадбекнинг шериги.
— Мен ҳеч қанақа Гайдарни ҳам, Асадни ҳам танимайман. Менда ишинг бўлса Маҳмудбейга учраш. Мен Маҳмудбейни танийман!»

Кесакполвон учун шу гап кифоя эди. У «Хонгирейнинг ўзи билан гаплашдимми ё бирор йигити мени лақиллатдими?» деб ўйлаб ҳам кўрмади. Чувринди Москвага борганида бу гапнинг тескариси бўлганидан, яъни «Сен таклифимизга дарров жавоб бермадинг. Биз энди сени танимаймиз. Гайдар билан шартномамиз бор», дейишганларидан ҳам бехабар эди.

Чувринди Хонгирейнинг қарорини Асадбекка айтмоққа журъат этмади. Ҳали ҳақиқат экани текшириб билинмаган гапни етказиб «аканг устидан мағзава ағдарма», деган таъна эшитмай, деб ўйлади.

Бу унинг энг сўнгги, ҳал қилувчи хатоси бўлди.

Асадбекни уйига кузатишгач, Кесакполвон «Би-ир отамлашишни» таклиф қилди. Чувринди акасининг раъйини қайтаргиси келмади. Улар ярим тунгача улфатчилик қилдилар. Чувриндининг кайфи ошди. Уйга қайтганда дарвозани очган ўғли «Асадбек амакимникидан телпон қилишди, тез етиб борар экансиз», деди. Чувринди дарров машинани орқага бурди. Катта кўчага чиқиб, тезликни оширган маҳалда рўпарасида юк машинаси кўриниб, чироқларини ёқди...

3

Дафн маросимига келганларнинг барчаси тарқалди. Қор аралаш ёмғир севалаб тургани учун домла ҳам «Таборак» сурасини ярим қилиб ўқиб қўя қолди.

Одамлар тарқалишгач, Асадбек қабр бошига келди. Иккита бир хилдаги мармар тош. Бирида онаси, иккинчисида Самандар — укаси. Уларнинг ёнига укадек азиз бўлиб қолган Чувринди қўйилди.

Асадбек осмоннинг кўз ёшлари остида пича турди. Палтоси ивиб кетди. Юзларини, кўз ёшларини қор аралаш ёмғир ювди.

«Бу ер менинг жойим эди, Маҳмуд укам. Сен келдинг. Ёнингда яна бир жой бор... «Мастликда бўлган», дейишяпти. Мен бунга ишонмайман. Сенга қасд қилганни хор қилмасам, отимни бошқа қўяман. Қасос олмагунимча ёнингга келмайман...»

Кимдир қўлидан ушлаб, тортди.

Ўгирилиб қаради: Кесакполвон.
— Сен менинг юрагимга тупурдинг, — деди Асадбек.
— Ундай дема, Асад, агар шу менинг ишим бўлса — Худо урсин!
— Йўқол...
— Асад...
— Йўқол, дедим!

Кесакполвон уч-тўрт қадам чекинди-ю, аммо йўқолмади.

Энг Сўнгги Боб

Зоҳид, 1990 йил, 3 феврал.

Прокурор имзо чекканидан сўнг ҳам Зоҳид ишонмади: наҳот адолатга етишган бўлса?! Наҳот Ботиров «Иш»и шу тариқа яхшилик билан якунланса. «Ишкал»нинг гапи нима бўлди? «Топшириқ билан қамаганмиз, эплай олмайсан» деб эди. Топшириқ билан қамагани тўғри. Оқланиши-чи? Саид Қодиров айтмоқчи, ўзгаришларнинг мевасими? Замон шунчалик тез ўзгардими?

Ботиров ўзининг кийимларини кийиб, кўчага чиққач, «Алҳамдулиллоҳ, Оллоҳ, ўзинг буюксан, қудратлисан!» деб қўйди. Зоҳид уни уйига қадар кузатиб борди. Сўнг қувончини баҳам кўриш учун Ҳамдам Толиповни йўқлади. У топшириқ билан чиқиб кетган, қачон қайтиши номаълум эди. Шундан сўнг илк устоз саналган маёр Солиевни кўргиси келди.

Маёр Солиев унинг суюнчилик хабарини эшитиб, қўлини сиқди-да:
— Адолатга осонлик билан етиб бўлмайди, — деди.

Ботировнинг озод этилиши Зоҳид учун дастлабки муҳим ғалаба эди.

Асосий курашлар ҳали олдинда.

Бу — энди эртанинг иши...

Асадбек, 1990 йил, 3 феврал.

Асадбек қабристондан тўғри эски шаҳардаги уйига борди.

Совуқ уй. Совуқ танча. Худди қирқ йил аввалги каби...

Ҳўл палтосини ечмай танчага ўтириб, қунишди. Эти увишди. Дераза орқали кўча эшигига қаради.

...Ҳозир отаси чана кўтариб киради.
— Тойчоқ! — деб эркалайди...

Йўқ, отаси кирмади. Икки номаълум киши кирди.
— Отанг — халқ душмани! — деди.

Сўнг... мактаб ўқитувчиси ўқувчиларни бошлаб кирди. Ўқувчилар саф тортган ҳолда, унга бир-бир яқинлашиб башарасига тупурдилар...

Асадбек инграб юборди.

У ҳар йили ўттиз биринчи декабр куни шу уйда ўтирарди. Бу сафар одатини канда қилди — ўша куни табибникида бўлди. Ўзи узоқда бўлса-да, кўнгли шу уйда эди. Қайтгач, неча марта келишга қасд қилди. Аммо ўз ташвишлари билан ўралашиб кела олмади.

Бугун келди. Елкасида бир олам ғам билан келди.

Инсон боласига хос покиза туйғуларни қувган кундан бери орадан қирқ йилдан ошиқроқ вақт ўтди. Ўшанда митти юрагига ёвузлик тухум қўйган, ёвузликнинг биринчи овозини ўртоғи Жалил эшитган эди:
— Уларни ўлдираман!..

Ҳозир бу овозни ўзи ҳам эшитди. Эти сесканди.

Кўча эшиги очилди: Жалил кўринди. Орқасида бир одам.
— Асад!

Жалил одати бўйича ҳовли ўртасига келиб чақирди. Овоз бўлмагач, яна чақирди.
— Асад!
— Киравер, — деди Асадбек бўғиқ овозда.

Жалил билан ҳам, нотаниш одам билан ҳам ўтирган жойида саломлашди.
— Бу ўртоқ ижроқўмдан экан, — деб изоҳ берди Жалил. — Ҳозир уйимга келсам, рўйхат қилиб ўтирибди.
— Қанақа рўйхат?
— Бу жойлар бузилармиш. Бу ердан катта йўл ўтармиш...

Бу гапни эшитиб, Асадбек бошини эгиб ўйга толди. Назарида булдозер овози эшитилди. Уйга бостириб кела бошлади... Том босиб тушди. Онаси... Самандар қолди... Асадбек бир сесканиб, «ижроқўмдан келган ўртоқ»қа қаради:
— Йўлни нариги маҳалладан сол, бу ер бузилмайди.

Нотаниш киши ажабланиб, Жалилга қаради-да:
— Иш бошланган. Лойиҳани ўзгартириб бўлмайди... — деди.

Алқисса:

Эй нафси ҳавосиға гирифтор ўлғон,
Шайтон ишига ишинг намудор ўлғон,
Ҳам зуҳд ила иззатка созовор ўлғон,
Ҳам фисқ ила олам элиға хор ўлғон.[5]

Сўнгсўз

Алҳамдулиллаҳки, асарга сўнгги нуқта қўйиш фурсати етди.

Мен қўрқув билан иш бошлаган эдим. Қўрқувнинг боиси — кимлардандир зулм кўришда эмас, балки ёзганларимнинг сизга мақбул бўлмай қолишида эди. Биринчи китоб эълон қилингач, ёзаётган ҳар бир сатримда сиз, азиз ўқиғувчиларнинг нафасларингизни сезиб турдим. Сиз менга далда бериб турдингиз, Оллоҳ сизлардан рози бўлсин!

Асарда шубҳасиз, сиз ишонмайдиган ёки ҳафсалангизни пир қиладиган ерлар бордир. Бунинг учун узр сўрайман. Бу — қаламнинг ожизлиги ёки фикр доирамнинг торлигидандир. Худо хоҳласа, бу қусурлар кейинги асарларда барҳам топгусидир.

Бундан сўнг ҳам Сизлар билан янги асарлар орқали кўришмоқ ниятим бор. Шаръий ниятларга Яратганнинг ўзи етказсин. Бир асарга ном бўлган «Шайтанат» энди туркум номига кўчади. Бу туркум асарда яна бир неча қисса яратиш умидим бор. Булар сизларнинг ўқиганингиз «Шайтанат»нинг давоми эмас, балки шу руҳдаги мустақил қиссалар бўлади, иншооллоҳ.

Менга бир нарса маълум: бу асарни ўқиб маъқул дейдиганлар билан бир қаторда ёқтирмайдиганлар, ундан камчилик, хато қидирадиганлар бор. Шундай бўлиши табиий. Аввало, ҳеч қайси асар барчага баробар ёқа қолмас. Қолаверса, ожиз қаламим билан битилган бу асар камчиликлардан ҳоли, деган даъвом ҳам йўқ. Менинг танқидчилардан фақат бир ўтинчим бор: қандай танқид ўқлари бўлса, ўзимга қаратинг.

Мен азиз, ардоқли китобхонларга бир неча йил мобайнида бирга бўлганликлари учун миннатдорлик билдираман. Оллоҳ барча мўмин бандаларини Шайтанат оламидан ўзи асрасин.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Қул аъуузу бироббиннаси. Маликиннаси. Илаҳин-наси. Мин шаррил васвасил хоннаси. Аллази ювасвису фии судуриннаси. Минал жиннати ваннас.[6]

Омийн я Роббил Оламийн!

Асадбеклар Фожиаси

Ўзларидан ажойиб ифорлар таратиб, юзларидан нур ёғилиб турадиган, ҳалимдан-ҳалим тақводор бир поччамиз бўлар эдилар. Қодирий домла Юсуфбек ҳожининг феълини у кишидан олганмидилар ё ўзлари шунақамидилар — ҳеч ажрата олмасдим. Ишқилиб, шунақа хушфеъл, чиройли мўйсафид эдилар.

Мен у киши ҳақда на олдиларида, на орқаларидан ёмон гап эшитганман. Фақат фазилат ахтаришар эди, ҳайратланиб чарчашмасди.

Яхши асар ҳам шунақа бўларкан! Фазилат ахтариб чарчамас экансиз. Худди Қодирий асарларидан ҳануз фазилат ахтариб толмаганимиздек, ҳар гал янги-янги жавоҳирлар топганимиз каби!..

«Шайтанат»ни ўқиб ҳам шу ўйларга бордим: «Қани эди, ҳаммамизнинг Юсуфбек ҳожидек отамизу Ўзбек ойимдек оналаримиз бўлса, ўшаларнинг қанотида эр етишсак! Асадбеклар шу кўйларга тушмасми эди?!» Ва шунда бутун фожиа таг замири ила кўриниб кетгандек бўлди! Бекорга оталаримиздан айирмаган эканлар бизни!..

Мулла бувалари омон қолган болакайлар бахтли эканлар! Иссиқ бағирларидан чиқармадилар. Нима яхши, нима ёмон, нима ҳаром, нима ҳариш, ҳарқалай, ажратадиган қилдилар.

Аммо мулла бувалари, опоқдодалари совуқ ўлкаларга сургун этилиб, оталари урушда, қамоқларда қолиб кетганлар-чи? Уларнинг ёзуғи не эди? Мурғак юрагига ёвузлик уруғи тухум қўйиб улгурган болакайлар, етимхоналарни тўлдирган «зумраша»ларнинг гуноҳини ким елкасига олгай? Қайси жамиятнинг суд китобига ёзгаймиз? Асадбеклар шу имонсиз жамиятнинг мевалари, унинг қасос ўти кўзини кўр қилган «ўғлон»лари эмасми?

«Шайтанат» муаллифининг энг биринчи ютуғи шундаки, у зулмнинг ўқ илдизини топиб, асарга қўл урибди. Тоҳир баъзилар ўйлагандек олди-қочди, шунчаки саргузашт асар ёзиш учун қўлига қалам олмаган. У кўп йиллар яшаб қоладиган ва қанча кишиларни сергак торттириб, шайтанат оламига кириб қолишдан қайтарадиган чинакам бадиий асар яратибди!

«Шайтанат» Тоҳир Маликнинг баланд асари. Қоладиган асари. Ҳар сатри, саҳифасидан истеъдод нафаси (чуқур бадиий тадқиқ руҳи) уфуриб турибди. Кимдир илгариги асарларига ўхшата олмаётган бўлса, уни охирига қадар ўқишга сабри етмабди. Йўналишини англамабди, мағзини чақолмабди.

Асар наинки Асадбеклар фожиаси ҳақида, балки у яратган шайтанат олами одамларининг аччиқ кечмиши, ҳар биттасининг охири вой бўлгучи тақдирлари ҳақида ўзига хос бетакрор қиссалар ҳамдир. Сўнг бари жамланиб, яхлит бир рўмонни ташкил этаётир...

Ҳолисаниллоҳ айтинг: Чувриндининг тақдири, бошига тушган аччиқ қисмат Асадбекникидан камми?! Ёки бўлмаса, Анварнинг фожиаси-чи, бошига тушган кўргиликлар-чи? Кимни, қайси юракни титратмайди? Қолаверса, Асадбекнинг қизи Зайнабнинг бошига тушган жафо тоши, абри балолар-чи? У кўрган зулм, ёвузликлар қиз боланики муҳаббат кўчасидан чиқариб, қасос кўчасига бошласа, қайси жамият, тузумни айблаш керак? Шариат ман этиб қўйган ҳадларни ланг «очиб қўйган» тузумними ва ё уни қайтаролмаган, ўзи қайси боши берк кўчаларда шайтон етовида кетаётган Асадбекдек оталарними, қасос ўтида ёниб, йўлини йўқотган ва устма-уст гуноҳга ботаётган эри Элчинними? Ёлғиз онаизор Манзура бошини қайси тошларга урсин?!

Мен Тоҳирнинг кўп асарларини биринчи бўлиб қўлёзмадан ўқиганман. Ҳаммасининг ўз ўрни, салмоғи бор. Вақтида воқеа бўлган асарлар. «Чорраҳада қолган одамлар» ҳам, «Сўнгги ўқ» ҳам. Лекин бу галги асари «Шайтанат»ни алоҳида бир интиқлик билан кутдик. Алоҳида бир титроқ-ла ўқиб чиқдик. Ва мен яширмай айта қолай. Учинчи китоби қўлёзмасини ҳам ҳаяжон-ла ўқиб чиқиб, қониқиш ила сўнгги саҳифасини ёпар эканман, Яратганга беадад шукрлар айтдим. Негаки ёзувчини Оллоҳнинг ўзи қўллаб, ўзи илҳом ато этибди. Шайтанат олами фуқароларининг адашувларини очмоққа ўзи изн берибди. Аксинча, бу зўравонликка қурилган, ёвузлик барқ уриб униб-ўсаётган ўзига хос хуфия салтанат оламини бунчалик таг-замири билан тасвирлаб бўлмас эди. Адашувнинг илдизи очилмай-да қолиши мумкин эди. Бу қоронғилик — зулмат салтанатини чок-чокидан сўкиб юборгувчи нурни Тоҳир кўра олибди ва ўша нур — чироқ ёрдамида унинг қўл етмас пучмоқларигача қарангки, кириб борибди. Бу нур иймон бўлиб чиқди! Агар ёзувчи кўксида шундай бир нур — тоза иймон бўлмаса эди, унинг шайтанат оламига сафари бесамар чиқмоғи ҳам мумкин эди.

Мен сал илгарилаб кетдим, чоғи. Асли бир бошдан сўзламоқчи эдим, асарнинг фазилатларини таъмин этган тугунлардан сўз очмоқчи эдим. Қирқ тўққизинчи йилнинг сўнгги куни. Совуқ уй, совуқ танча. Отаси чана, аяжониси укача олиб келадиган бир кунда бу уйга кулфат булутлари бостириб кирдилар. Ва бу абри бало бу хонадонни бир умрга ота меҳридан жудо қилиб кетди. Бола «Дадамга тегманг?! Тегманг дадамга!» деб ҳайқиролди-ю, бошқасига кучи етмай танчали уйда ёлғиз қолаверди. Ота бағрига олиб, юзини юзига босганда теккан кўз ёшгина қолди. Бир олам хўрлик, аччиқ алам қолди. Шу кеча мурғак қалбга ўрмалаб кирган шайтон унинг ўксик, аламзада қалбига ўзининг ёвузлик тухумини қўйиб улгурди ва у қасос истаб, ўч ҳукмини ўқиди:
— Уларни ўлдираман!..

Ва болагина билмасдики, бизнинг динда ўч олмоқ ҳаром қилинган эди, қасос ёлғиз Оллоҳга тегишли эди.

Шайтонсаройга биринчи ғишт ўша куни қўйилди! Кейин шайтони лаин бу саройга бошқа аламзада ва валади зиноларни етаклаб келиб, Асадбек хизматига топширди. Шу тариқа салтанат ичида норасмий салтанат туп қўйиб палак ёйди. Ва бу салтанат «енг гуллаб», оғизга тушган кезда унинг одамларидан бири қиморда хонумонини ютқизиб қўйган ҳофизнинг уйига бостириб кириб, (кирганда ҳам номаҳрам оёқ босиши ман этилган жойга қадар кириб бориб) аёлининг номусини топтагани топтаган, кўксига пичоқ уриб кетди.

Асар ҳар қандай эр кишининг ғурурини букиб-да ташлайдиган ана шундай воқеадан, у аламларини ичига ютиб, судда гуноҳни бўйнига олиб қамалиб кетишидан ва ўн йил қасос кунини кутишидан... бошланади.

Асар илк сатрлари, саҳифалариданоқ у «олди-қочди», «қувди-йитди», «отди-кетди»лар асосига эмас, чинакам маънавиятга дахлдор масалалар, ҳаёт-мамот масалалари, азалий ор-номус, адолат, эзгулик ва ёвузлик курашларига қурилгани кўриниб-англаниб турибди. Барча курашларнинг марказида ўзига хос шахслар, бетакрор характерлар турибди. Ва қадам-бақадам, саҳифама-саҳифа ўзлигини намоён этиб бормоқда.

Асадбекнинг ўзи бетакрор характери, хислат ва фазилатлари билан, чигал тақдири ва букилмас иродаси билан алоҳида олам бўлса, Чувринди энг қийин — экстремал шароитларда ҳам топқирлиги, узоқни кўра олиши билан, тегирмонга тушса бутун чиқа олиши билан бизни ҳайратга солади. Тақдири-чи? Унинг бошига тушган кўргиликлар-чи? Тағинам у метин экан, унинг ўрнида бошқа ҳар қандай инсон ёвузга айланиб кетар эди! Лекин Чувринди адолат ҳиссини, дўстга садоқат ҳиссини йўқотмайди! Шу жиҳатлари билан Кесакполвондан ўн карра баланд туради. Ва шу баланд тургани учун ҳам рақиби томонидан йўқ қилинади.

Асардаги Элчин, Зайнаб образлари — ички олами энг ёрқин ва ишонарли, бутун зиддиятлари ила чизиб берилган образлар сирасига киради. Кумуш муҳаббатидек покиза бир муҳаббатни илҳақлик ила, беғуборлик ила кутган бир қалб қасос қурбонига айланса ва шармандалик чодиридан қутулиш учун ўша ишни қилган одамга узатилса, у қайси дил, қандай юрак билан яшаб ўтади бу дунёдан?! Зайнаб фожиасига бағишланган боб ва саҳифалар асарни чиндан баланд мавқега кўтариб, бадииятга дахлдор этиб турибди. У чинакам истеъдод меваси эканидан ҳеч-ҳеч тониб бўлмайди.

Шу қизининг фожиаси туфайли Асадбек не кўйларга тушиб, не ўтларга қоврилмаяпти! Шу баҳонада ёзувчи Шайтон салтанатининг энг чиркин гўшаларигача кириб бориб тасвирлашга муваффақ бўлади. Бу салтанатда бир тўда бошқа тўдани йиқиш, синдириш учун ҳар қандай қабиҳликлардан қайтмаслигини кўрамиз. Элчин Асадбекдан ўч олиш учун унинг қизини ўғирлаб, номусини букмоқни ва бир умр эзилиб ўтишини истайди. Зайнаб шу мақсадда ўғирланади. Бошқа бир рақиб — Ҳосилбойвачча эса, Мардонани ишга солиб, Зайнабни не кўчаларга етаклатади. Игна ила сархуш эттириб, гиёҳвандлар қавмига қўшади ва сархушлик ҳолатида суратга олинган кассетани отасига «тақдим» этади. Ўзбек қизларининг бу кўчага кириб келиши аввало даҳшат! Ҳеч бир ота бу иснод олдида чидаб туролмас! Айниқса, Асадбекдек қудратли одам! Нима бу? Қайтар дунёми?! Асадбек ўз қилмишларининг жазоси, қайтимини шу дунёдаёқ, тириклигидаёқ топаяптими?

Адиб қаҳрамонларини шундай чигал ва экстремал ҳолатларга, кўргиликларга солиб синайди, қовурадики, ҳар бири нималарга қодирлигини табиий равишда, ўз-ўзидан намоён этиб бораверади. Тан олиш керак, Тоҳир Малик ўзбек адабиётида саргузашт унсурлари бадииятнинг ажралмас қисми эканини биринчи бўлиб амалда исбот этган ёзувчидир. Биз шу вақтга қадар бу унсурларни менсимай, унга паст назар билан қараб келдик ва адашганимизни энди кўриб турибмиз. У чуқур бадиий мушоҳадага хизмат этишини энди инкор қилиб бўлмайди. «Шайтанат» бунга ёрқин далил.

Тоҳир асардан асарга бўй ростлаб бораётибди. Айниқса, шу «Шайтанат»ида чеварлигини намоён этибди. Чокини чокига келтириб, воқеаларни улаш, тақдирларни чоғиштириб бориб уч китобдан иборат яхлит асар яратиш ҳар қандай адибнинг қўлидан келавермайди. Буни чинакам истеъдод эгаси, Худо юқтирган талантгина уддалаши мумкин. Асадбекдек мураккаб қаҳрамоннинг шусиз ҳам чигал ҳаёти, ҳавас қилмагулик тақдири атрофида ундан кам кўргиликлар кўчасидан ўтмаган, ўша бешафқат ҳаётда шафқатсизларча яшашдан бўлак йўл топмаган Чувриндидек, Кесакполвондек бир гуруҳ бошқа олам фарзандларининг қисматларини шундай ишонарли чизадики, ҳайратга тушмай иложингиз йўқ. Биргина Зелихон тақдири, Хонгирей қисмати, улар босиб ўтган йўл ва етишган чўққи, ниҳоят биридан иккинчисига мерос қолаётган бу хуфия салтанат билан боғлиқ воқеалар нимага тенг?! Улар чинакам топилдиқ: Шайтанат салтанатининг ҳудудларидан, қудратидан далолат бергувчи! Илдизлари қаерга бориб туташувидан, ёвузликнинг уруғи қаерларгача сочилиб, қандай заҳаролуд мевалар бераётганидан ҳикоя этгувчи! Ва булар барчаси қўшилиб, Шайтанат олами ҳақида шундай яхлит бир тасаввур уйғотадиким, бу олам кишиси бўлиб қолишдан Оллоҳнинг ўзи асрасин! Асарни бобма-боб, китобма-китоб ўқиганингиз сари, Оллоҳга қайтишдан ўзга тўғри йўл йўқ! — деган бир нидо янграб келаверади! Асар ичидан жаранглаб чиқаверади!

Тоҳирнинг энг катта ютуғи ҳам ана шунда! Иймонга чорлашида!

Агар хотирангизда бўлса, «Шайтанат»нинг биринчи китобининг ички муқоваларида бир ажойиб рамзий расм бор эди. Китобни безаган истеъдодли ёш рассом Хуршид Зиёхонов мозористони тарк этиб бораётган оқ туялар — авлиёлар руҳини чизиб, бизни бир ҳайратга солган эди. Иккинчи китобнинг ички муқоваларида эса, шу рассом ундан ҳам ажойиб манзарани акс эттирди. Йўғонгина, лекин ҳалқумининг кичиклигини хисобга олмаган илон каттагина бир балиқни юта бошлаган-у, юта олмай қолган. Балиқ ночор, жон аччиғида думини асабий силкийди, илон ундан ночор — ютиб юта олмайди, қўйиб қўя олмайди... Рамз хўб ўрнига тушган. Қолаверса, бу ривоятларни рассом осмондан эмас, асардан олган. У Тоҳир Маликнинг топилдиқлари, рассом ҳам буни ҳақиқий истеъдодларда бўладиган ўткир идрок ила англаб, бизга унинг айнан мағзини етказиб бера олган.

Мен учинчи китобнинг қўлёзмасини ўқиётиб, рассом навбатдаги китоб муқоваларига қай ривоятни рамз қилиб олар ва чизар экан деб ўйладим. Инсон қулоғига кириб бораётган улкан мингоёқними ёки қанот битган чумолиларними? Ҳарқалай менга қолса, Луқмони ҳаким билан илон суҳбати ривоятидаги икки оёқли — баланд қилиб яратилган, лекин бир-бирини чаққанда бедаво қилиб чақадиган одам махлуқларни бутун даҳшати билан тасвирлай олса қани эди, дедим. Ўша ривоятни эсласангиз, илон Луқмони ҳакимга: «Оллоҳ биз — илонларни тубан қилиб яратди. Аммо биз бир-биримизни чақмаймиз. Сиз — одам болаларини юқори қилиб яратди, сиз бир-бирингизни чақиб ўлдирасиз. Унинг заҳрига ҳатто Луқмони ҳаким ҳам даво тополмагай», дейди. (Ҳикмат Ўролов, Анвар тақдирларини эсланг! Аслида Холидийлар Асадбеклардан-да хавфли «зот»лардир!).

Ҳикмат Ўролов тўсатдан қазо қилиб, жаноза олдидан илм даргоҳидаги дўсту душманлари унинг уйига боришгандаги мана бу манзарага эътибор беринг. «Анварнинг кўзига ҳамма — дўст ҳам, душман ҳам илон бўлиб кўринди. Ўзини улкан бир илонхонада ҳис этиб, баданига муз югурди. Назарида қўл қовуштириб, қайғуга берилгандай бўлиб турганлар одамлар эмас, балки лунжини шишириб, тилини ўйнатиб, бир ҳамла билан чақишга тайёр турган илонлар эди гўё. «Мана шу турганларнинг қай бири қачон қай бирини чақар экан? Мана шу турганларнинг қай бири қачон одам заҳрини тотиб ўлар экан? Ростмана илонлар чақадию қочади, икки оёқлилар эса то кўмиб ташламагунча тинчимайди. Жасадни кўмиш билан чекланса кошки эди...»

Шайтон етовига кириб кетган иймонсиз кимсаларни бундан ўтказиб тасвирлаш мумкинмикан?!

Шу ўринда мен ўзимдан бир оғиз сўз қўшгим келди. Фақат шайтон етовига тушганларгина шундай чаққайлар! Иймонли кишилар бундан мустаснодирлар! Заҳарнинг ёлғиз давоси иймондир. Оллоҳга қайтмоқликдир. Чиндан ҳам солиҳ кишилар, у дунёсини ўйлаган зотлар бир-бирини аямаганларини, амал, шуҳрат, дунё кетидан қувган кишилардек бир-бирларини чақиб ўлдирганларини ким кўрган?! Агар инсон боши саждага етиб ҳам, масжидга қатнаб ҳам, ҳожи бўлиб ҳам ёмонлигини қўймабди, дилозорлигини ташламабди — у ҳидоят топмабди. Иймони суст кимсалардир. Уларни тақводорларга тенглаштирмангиз! Тоҳир Малик асарининг мағзи-мағзидан сизиб чиқаётган хулоса ҳам шу!

Фан тилида «интуитсия» деган атама бор. Оддий тилда биз буни ички ҳис билан сезиш, деймиз. Уни қарангки, Оллоҳга қайтмоқлик — нажот эканлигини Хуршиджон ҳам учинчи китобнинг безакларида ўзига хос талқинда тасвирлабди. Асарда табибга ўз ҳукмини ўтказа олмаган Кесакполвон унинг чопқир отларини отиб ташлашга буюради, отлар ўлдирилади. Демакким, «одамилон» ўз заҳрини сочди, табибни руҳан ўлдириш ниятида уни чақди. Қоидага кўра расмда ҳам шу нарса тасвирланиши керак эди. Рассом эса худонинг қудрати билан уларга мангулик ато этибди: ўқ отиляпти-ю,отларга кор қилмайди, бирор томчи қон ҳам йўқ, кўзлар чақнайди, ёвқур отлар гўё қанот чиқариб учаётгандек елиб боришмоқда. Яъниким, имони басаломат табиб ғолиб чиқди. Отлар — унинг орзулари ҳам мангуликка дахлдор.

Шайтанат олами гирдобига тушган Элчиннинг мажруҳ ҳолати, ўз жонини сақлаб қолиш учун садоқатдан юз ўгирган Шомилнинг охир-оқибатда калласи олиниб совға тариқасида қутига жойланиши тасвири; орзу-армонлари абадий кўмилган Зайнабнинг аччиқ қисмати — барча-барчаси биз учун, ҳаёт аталмиш умр йўлининг ўнқир-чўнқирлариданми, жин кўчаларию равон йўллариданми кетаётган ҳар бир инсон учун ҳаётий сабоқлардир.

Умуман олганда, Хуршид Зиёхоновдай ёш бир истеъдоднинг асарни шундай зукколик билан тушуна олиши, унинг нозик томонларини ички бир ҳиссиёт билан топиб, учала китобдаги воқеаларни тасвирда бир-бирига боғлаб бизга етказа олганлигининг ўзи алоҳида таҳсинга сазовор!

Мен «Шайтанат» савияси мундайроқ ўқувчиларга мўл ёзилибди, шунинг учун қўлма-қўл ўқила-ётир, уларга жаҳон адабиётининг дурдонасини берсангиз бетига қарамайдилар деб «куюнаётган»ларни «Ўзингиз асар давомини қандай кутдингизу қай тариқа ўқиб чиқдингиз?» деб сўроққа тутган бўлардим. Ва шубҳасиз, улар виждонан, ички туйғуларига эрк берганларида эди: «Интиқлик билан кутдигу чанқоқлик билан ўқиб чиқдик» деган бўлардилар.

Ваҳоланки, «Шайтанат» олами — яқин ўтмишдаги бизнинг оламимиз, бизнинг воқелигимиз, бу оламни бир тирик вужуд деб қарайдиган бўлсак, шу вужуддаги оғриқлар, дард-хасталиклар бизнинг дарду аламларимиз. Шундай экан, нечун биз бу дардларга, «дард устига чиққан чипқон»ларга бефарқ қарашимиз керак? Табобатда бемор дардига шифо бериш учун, аввало, касаллик туб-тубигача аниқланиб, унинг илдизлари очиб ташланади. Сўнг муолажага ўтилади. Шунинг баробаринда, «Шайтанат» дардларимизга шифо беришда бир восита — малҳамдир ҳам. Айтингчи, қайси бир бемор дардига даво бўлиши мумкин бўлган малҳамдан бош тортган? Савиямизнинг «ундай» ёки «бундай»роқлиги хусусида бош қотиришнинг ўзи жоизмикин шундай ҳолатда?!

Яна асар таҳлилига қайтамиз.

Аввало тақдирларни қаранг, бири бирига ўхшамаслигини кўринг. Зелихонни Хонгирейга чалкаштирмайсиз, Ҳосилбойваччани Шилимшиққа тенглаштирмайсиз. Асадбек билан Чувринди, Кесакполвонлар-чи? Ҳар бири ўзига хос ўзга олам вакиллари. Ўз қаҳри-заҳри, алами, армонлари билан бетакрор шахслар. Шайтанат оламининг устунлари. Қиёфалари, феълу таъбу дунёқарашлари билан ҳам бир-бирига сира ўхшамайди. Улар ўртасида гоҳ ошкора, гоҳ зимдан бораётган кураш бутун шафқатсизлиги билан қаламга олиниши, кўлами билан ҳайиқмай тасвирланиши чиройли. Асадбекнинг ўз отаси қабрини зиёрат этгани бориши, Козлов билан алоқалари, Хонгирейнинг дасти узунлиги, у юборган терговчиларнинг ашаддий сиқувлари ва ниҳоят Зелихоннинг қурбон берилиши саҳифалари асарни баланд поғонага кўтариб турибдики, унча-мунча ёзувчи Шайтанат оламининг бу ўрдаларига кириб боришга журъат ҳам этолмайди, иқтидори ҳам етмайди. Айниқса, Асадбек оғир хасталикка чалингандан кейин шайтанат оламида унинг ўрнини эгаллаш учун бошланган пинҳона ва очиқ курашлар асарга янгитдан «жон ва руҳ» бағишлаб юборганки, бу Тоҳирнинг маҳоратидан далолат бериб турибди.

Мана шу хасталик айниқса, Асадбек сафдошлари учун зўр синов бўлиб, шу баҳонада Чувриндининг садоқати, Кесакполвоннинг ҳожасининг ўрни учун «ўлиб-қутилиш»лари яна ҳам ёрқинроқ очила боради. У ёлғиз даъвогарлик учун курашиб, ўзидан неча бош баланд турган Чувриндини усталик-ла йўқотиши фақат Шайтонсаройларга хос ёвузликнинг бир кўринишидир.

Асадбек Чувриндининг қабри тепасида ёлғиз қолгандаги манзарани эсланг: «Икки бир хилдаги мармар тош. Бирида онаси, иккинчисида Самандар укаси. Уларнинг ёнига укадек азиз бўлиб қолган Чувринди қўйилди.

Асадбек осмоннинг кўз ёшлари остида пича турди. Палтоси ивиб кетди. Юзларини, кўз ёшларини қор аралаш ёмғир ювди.

«Бу ер менинг жойим эди, Маҳмуд укам. Сен келдинг. Ёнингда яна бир жой бор... «Мастликда бўлган» дейишяпти. Мен бунга ишонмайман. Сенга қасд қилганни хор қилмасам, отимни бошқа қўяман. Қасос олмагунимча ёнингга келмайман...»

Кимдир унинг қўлидан ушлаб тортди.

Ўгирилиб қаради: Кесакполвон.
— Сен менинг юрагимга тупурдинг, — деди Асадбек.
— Ундай дема, Асад, агар бу менинг ишим бўлса, Худо урсин!
— Йўқол...
— Асад...
— Йўқол, дедим!..»

Ҳа, бусиз ҳам ўзини Худо уриб қўйган Кесакполвоннинг иши эди бу. Асадбек уни ички бир туйғу ила ҳис этиб, сезиб турибди.

Қолаверса, у Асадбекнинг юзига биринчи тупуриши эмас. Бошда топишгандаёқ, болаликдаёқ тупуриб улгурган эди. Эсланг, ўғри тўғрининг юзига, валади зино аламдийданинг юзига тупурган эди.

Бу бешафқат тасвирлар қаҳрамон ички оламига даҳлдор бўлмай нимага даҳлдор экан? Нега бизни шунчалик ларзага соляпти экан, агар чинакам бадииятга алоқадор бўлмаса! Қалбнинг нозик пардаларига тегиб титратмаса?

Асадбек кечаги бешафқат тузумнинг аламзада фарзанди. Аччиқма-аччиқ бешафқатлик кўчасига кирган, қасдма-қасдига жамият қонунларини оёқ ости қилиб, қасос-ла қалбига малҳам топиб юрган ва ҳеч кимга бўй бермай келаётган одам. Агар у вақти-вақти билан энг тўғрисўз дўсти Жалилни кўргиси келиб қолмаганида, танчаси писиллаган ўша эски уй — отасидан қолган ёлғиз хотирани қўмсаб бормаганда, билмадим, уни шу кўчада юрган бошқа ёвузлардан фарқи қолмасми эди! Лекин у ҳам тирик инсон, ожиз банда эканини биз оғир хасталикка чалиниб, мунгли бир қиёфага кирганида, қўли қисқалигини сезиб қолганида яққол кўрамиз. Айниқса, Асадбекнинг ўша хасталик бошланганда кўрган туши, руҳи шодлар ва қабр азобини тортаётганлар диёрида кезиб, онаизорининг «оҳ»ини эшитиб, қабри устида олов тилларини кўриши, хаста Самандарни, отасини учратиши, улар билан мулоқотлари шунақа жонли, ишонарли тасвирланганки, ўқиб лаззатланасиз. Муаллиф бизни Асадбек қалбининг қаҳрдан холи, армон тўла пучмоқларигача етаклаб киради.

«— Ада, — деб ажабланади Асадбек. — Сиз ҳам шу ердамисиз?
— Ҳаммамиз биргамиз, тойчоқ, — дейди отаси жилмайиб.
— Яқинда мен ҳам келсам керак, — дейди Асадбек.
— Келасан... Мен кутяпман. Сенга чена ясаб қўйибман... ченада учишни соғиндингми?
— Соғиндим, ада.
— Болам, қийналиб кетдингми? — дейди онаси.
— Қийналдим, — дейди Асадбек.
— Кела қол, аданг... ёғоч чена ясабдилар ўзлари.

Асадбек атрофга аланглайди. Чена кўринмайди. Баъзи қабрлар устида чарх ураётган оқ қушларга ажабсиниб қарайди.
— Булар қандай қушлар? — деб сўрайди.
— Булар... руҳлар... у дунёда солиҳ фарзанд қолдирганлар.
— Сизникида олов кўрдим?..
— Оҳ, болам... сен қабр азоби нима эканини билмайсан...
— Сизлар бу дунёда ҳалол яшадингиз, умрларингиз азоб билан ўтди. Яна қандай азоб?..
—...Солиҳ фарзанд — амали...
—...Нима бу?..

Онаси жавоб ўрнига «оҳ!» деб қўяди.

Қабристон этагида оқ туялар кўринади. Туя карвони аста юриб, қабристонни тарк эта бошлайди.
— Оқ туялар кетишяпти, — дейди онаси афсус билан.
— Уларни қайтариш керак, — дейди отаси.
— Мозорларимиздан авлиёлар кетиб қолишяпти. Одамлардан иймон кўтариляпти.

Асадбек аввал ҳам эшитиб эди бу гапни... Манзура айтиб эди. Онаси ҳам айтяпти.
— Туяларни қайтараман, — дейди Асадбек.
— Қайтаролмайсан, — дейди отаси...»

Кейин Асадбекнинг атай Красноярга — отаси тутқунда ётган жойларни излаб бориб, овлоқ ўрмон четидаги мозористондан қабрини топиб, зиёрат этиши— унча-мунча дунё кўрган, дунё кезган фарзандларнинг ҳам хаёлига келмаган иш. У шу жиҳатлари билан ҳам ўз замондошларидан бир поғона юқори туради. Қалби ҳам айрим пайтлари юмшаб кетади, олижаноб ишларга қодирдай кўринади-ю, қалбига бир вақтлар тухум қўйиб улгурган ёвузлик уйғониб кетганда тамомила ситамкор ва қасоскорга айланади. Унинг Муҳиддин отага айтган гапларини эсланг.

«Мен намоз ўқимасам ҳам Худодан қўрқадиган инсонман. Ўлганимдан сўнг дўзахда куйишимни биламан. Сизни билмайман-у, аммо мен шўро ҳукуматидан бутунлай норозиман. Дўзахда аввал шу ҳукумат куйиши керак!» дейди у. Асадбек қанақа мураккаб шахс экани худди мана шундай нозик паллаларда бутун бўй-басти билан кўриниб кетади. Унинг табибдан шифо истаб борганида (худди Зелихон сингари) қарияларга қўшилиб, намозга ўтгиси келиши... ўтиши қанчалик табиий бўлса, тузалиб, дард орқага чекингач, Худони унутиб, шайтанат оламига шўнғиб кетиши шунчалик ишонарлидир. Қалбларини ёвузлик зардоби босиб кетган бундай кишилар осонликча иймонга кела қолмайдилар. Асадбек фожиасининг бутун даҳшати ҳам шунда, сабоғи ҳам шунда.

«Шайтанат» асарида нурга йўғрилиб, санъаткорона чизилган бир талай образлар ҳам борки, улар рўмонга ўзига хос оҳанг десамми, мунг десамми, нур десамми таратиб турибдилар. Бу энг аввало Анвар, Зайнаб, Элчин образларидир. Анварнинг заураликлар билан мулоқотлари, руҳлар оламига саёҳатлари ва ниҳоят унинг ёзиб қолдирган хатлари асарга бир ойдинлик бағишлаб, ҳақиқат нурини сочиб турибди.

«Ҳурлик ниманинг эвазига берилди? — деб ёзади у.— Қонлар эвазигами? Жонлар эвазигами? Жон беришга тайёр азаматлар борми бу улуғ Туркистонда? Хумоюн Мирзо хасталигида табиб Бобур Мирзога «Энг қадрли нарсангизни атанг», деганда шоҳ Бобур «Энг қадрли нарса — жоним, жонимни берайин», деган экан. Хаста она Туркистонга ким жонини фидо қилади? Ўлимдан қўрқмас, ботир ўғлонлар наҳот бутунлай қирилиб битган? Бу қандай ҳаёт ўзи? Кун бор — қуёш йўқ. Осмон бор — юлдузлар йўқ. Ватан бор — ватанпарвар йўқ...

Алихонтўра Соғуний домла айтган эканлар: «Агар ўзбеклар ошнинг атрофига бирлашгандай бирлашганларида эди, аллақачон эркка эришган бўлар эдилар. Мен бу ақлли сатрларга озгина таҳрир киритмоққа жазм этдим:

«Агар ўзбеклар тўпланиб, тўй-маърака ошига ошиққанлари каби иймонга ошиққанларида эди, мустақилликка шубҳасиз эришардилар».

Улуғ Туркистонни фақат иймон бирлаштиради...»

Ўша кечаги шўролар жамиятида шундай одам жинни деб эълон этилиши ва ўзини осибгина руҳига эрк бериши табиий эди. У шундай фожиона қазо топди. Замонга сиғмаган Анварни озод руҳлар чақириб олдилар.

Бу мунгли қисса шайтонсаройнинг гуноҳ китобига абадий ёзилиб қолди. Худди Асқар Қосим қиссаси каби... Элчин фожиаси каби... Бояқиш Элчин. Шундай истеъдодли ҳофиз. Қайси шайтон уни йўлдан оздирди? Хонумонидан, суйган хотинидан ажратгани, ўн йил қамоқхоналар тузини тоттиргани кам эканми? Қасос кўчасига рўбарў қилмаса? Мана энди Асадбекни ўтдай куйдириб, сал таскин топдим деганда... Ноиласи рози эмас. Ахир унинг руҳини рози этиш учун қилмабми эди шу ишни?

Асарда ҳақиқатни ойдинлаштириб келатурган руҳий ҳолатлар, парвозлар, ўтган яқинларнинг руҳлари билан учрашув-мулоқотлар нозик, мухтасар тасвирларда айланиб-айланиб келадики, улар рўмонга янги фазо ва янги ҳаводай тушган. Эсингизда бўлса, муаллиф ўша Фарғонадаги ур-сур тасвирида биринчи бор шу услубга мурожаат этган эди. Зелихон ҳушидан кетганида тушга ўхшаган ғалати бир нарса кўрганини ўн оғизгина сўз билан ифодалаган эди: «Бошимга зарба тушиши билан ҳаммаёқ гир айланди. Кейин атрофни зулмат ўради. Иккита шарпа келиб, қўлтиқлаб кўтарди. «Яхши бўлди, булардан қутқаради», деб ўйладим. Шарпалар қўлтиқлаб кўтарганча мени чир айлантириб баландга, жуда баландга олиб кетишди. Худди саҳродаги гирдобга тушиб қолгандай бўлдим. Кейин бирдан зулмат тугаб, ёруғликка чиқдик. Атроф шу даражада ёруғ эдики, кўзларим қамашиб кетди. «Буни нимага олиб келдиларинг, ҳали муҳлат бор», деган ғалати овоз эшитилди. Кейин яна гирдобга тушдим, яна зулматда қолдим. Шарпалар мени ерга ётқизиб, йўқ бўлишди. Кейин кўзимни очсам... Йигиталининг айвонида ётибман.

Зелихон жавоб кутиб, Исмоилбейга тикилди. Исмоилбей бир оз ўйга толди, чуқур хўрсинди. Сўнг:
— Бунинг таъбирини айтишга фикрим ожиз, — деди. — Валлоҳи аълам, Тангрим жонингни қайтариб берибди. Бунинг маъноси шуки, энди саёқ юришингни ташла. Қалбингни зангдан тозала...
— Қалб занги? — Зелихон кулимсиради. — Роса зўр гапларни топиб гапирасиз-да, тоға. Ҳозир намоз ўқиётганингизда нима учундир менинг ҳам ўқигим келди...»

Инсон руҳий оламининг беҳудуд сарҳадларигача кириб боришга уриниш, руҳлар оламига саёҳатлар кейинчалик Анвар, Элчин образларини очишда, тақдирларини чизишда, фожиаларининг илдизларини кўрсатиб беришда жуда ҳам қўл келган. Рўмондаги бу боб ва саҳифалар симириб ўқилса-да, ҳеч ёддан кўтарилмай, чуқур ўйларга толдираверади. Ҳаётнинг ниҳояти имтиҳон дунёси экани, ҳар ким экканини ўриши, ҳеч бир жиноят жазосиз, яхшилик мукофотсиз қолмаслиги теранроқ англатиб борилаверади.

Муаллиф ҳатто хаёлий суҳбатлар, тасаввур оламида кезишлар, армонли онлардаги қалб кечинмалари тасвирларидан ҳам заргарона, узукка кўз қўйгандек фойдаланиб кетадики, булар барчаси биргаликда бадииятга хизмат қилган. Айниқса, бу усул алоҳида муҳаббат-ла тасвирланган Зайнаб образида, унинг ички оламини назокат ила чизишда жуда ҳам қўл келган. Шусиз ҳам армонлари беадад, шусиз ҳам орзулари топталган Зайнабнинг онаси-ла хаёлан суҳбатларини эсланг.

«— Сен болалигингда Кумуш бўлишни орзу қилардинг.
— Орзу қилардим, ойижон.
— Кумуш заҳарланган эди, шуни ўйламабмидинг?
— Ҳа, заҳарланган эди.
— Ўзбек ойим қора кийган эди-ку...
— Ҳа, қора кийган эди.
— Заҳарланган Кумуш қайта тирилар, деб ўйладингми?
— Ўйладим, ойижон.
— Ўзбек ойим қора либосини ташлайди, мотам кунлари тугайди, деб хаёл қилдингми?
— Хаёл қилдим, ойи».

Шайтанат олами Зайнабни ана шундай гўзал орзуларидан, бир умр кутиб ардоқлаб келаётган Кумуш муҳаббатидан жудо қилди. Наинки уни, Зелихондек, Чувриндидек мард йигитларни адо қилди, бевақт хазон қилди.

Анварни қувғинди, Элчиндек ҳофизни хароб этди. У олим-ку, у истеъдод-ку демади.

Асадбек-ку қасос деб нимага эришди?

Эсланг. Укасидек азиз бўлиб қолган Чувриндидан айрилган... «Асадбек қабристондан тўғри эски шаҳардаги уйига борди. Совуқ уй. Совуқ танча. Худди қирқ йил аввалги каби...»

У ҳар йили ўттиз биринчи декабр куни шу уйда бўларди. Бу сафар кела олмаганди... Кечикиб бўлса-да, «Бугун келди. Елкасида бир олам ғам билан келди. Инсон боласига хос покиза туйғуларни қувган кундан бери орадан қирқ йилдан ошиқроқ вақт ўтибди. Ўшанда митти юрагига ёвузлик тухум қўйган, ёвузликнинг биринчи овозини ўртоғи Жалил эшитган эди.
— Уларни ўлдираман!..

Ҳозир бу овозни ўзи ҳам эшитди. Эти сесканди...»

Сескангани рост бўлсин!

Етиб келган жойини англагани рост бўлсин!

Сиз ила биз эса «Аузу биллаҳи минаш-шайтонир рожийм» дея қувилган лаънати шайтон ёмонлигидан Оллоҳ паноҳини сўрайлик. Илоҳим, ҳар биримизни Ўзи ҳақ йўлига бошлаб, бошга ташвиш тушган кезларда чиройли сабр этгувчилардан қилсин. Ердаги барча гуноҳ ишларни чиройли кўрсатиб қўйгувчи Шайтондан ўз паноҳида асрасин.

III- qism
 
Keyingi



  1. Мазмуни будир: «Яхшилик эскирмайди, гуноҳ унутилмайди, Оллоҳ таоло ўлмайди. Энди нима қилсанг қилавер. Амалингга яраша жазо оласан (Ҳадиси шарифдан).
  2. Мазмуни будир: Ҳар бир тирик жон ўлим мазасини тотиб кўрувчидир.
  3. (Фиръавнга) дейилдики: «Ҳаётдан умид узганингда (енди) иймон келтирдингми? Илгари Оллоҳга осийлик қилган ва бузғунчилардан бўлган эдинг?!»
  4. Эй Одам фарзанди, қачон бало ва мусибатга йўлиқсанг, мени ёдга оласан, лекин қачон у балони сендан кўтарсам, мени ҳеч танимас кишидек эсдан чиқариб юборасан.
  5. Ҳазрат Алишер Навоийдан.
  6. Мазмуни будир: Меҳрибон ва Раҳмли Оллоҳ номи билан (бошлайман). (Эй Муҳаммад) айтингки: «Мен барча инсонларнинг Парвардигоридан, барча инсонларнинг Илоҳидан (менга) ўзи жин ва инсонлардан бўлган, инсонларнинг дилларига васваса соладиган (қачон Оллоҳнинг номи зикр қилинганида) яшириниб оладиган васвасачи (шайтон)нинг ёмонлигидан паноҳ беришини сўраб илтижо қилурман». («Ан-нос» сураси. Алоуддин Мансур маъно таржимаси).