OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

1 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифТоҳир Малик
Асар номиШайтанат (IV- китоб, I- қисм)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Криминал беллетристика
Муаллифлар
   - Тоҳир Малик
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Китоблар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм644KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/12/05
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Шайтанат (IV- китоб, I- қисм)
Тоҳир Малик

Муқаддима

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

«
Эй Одам фарзандилари, шайтон ота-онангизнинг авратларини ўзларига кўрсатиш учун устларидан либосларини ечиб, жаннатдан чиқарганидек, сизни ҳам фитнага солмасин. Албатта у (яъниким, шайтон алайҳилаъна) ва унинг ёрдамчилари сизни ўзингиз кўрмайдиган томондани кўриб туради. Биз, албатта, шайтонларни иймон келтирмайдиганларга дўст қилганмиз.
У (яъниким Оллоҳ) бир гуруҳни ҳидоят қилди. Бошқа гуруҳга йўлдан озиш ҳақ бўлди. Чунки улар Оллоҳни қўйиб, шайтонларни ўзларига дўст тутдилар, ҳамда ўзларини, албатта, ҳидоят топувчилар деб ҳисоблайдилар.

«Аъроф» сурасининг 27, 30-оятларидан маъно таржима.
»


«
Худовандо, на қилдим турфа ёздим,
Шаётин макри бирлан йўлдан оздим.
Пушаймонман паришон ўтган ишдан.
Баҳору тийра моҳ ёзу қишдин.

Сўфий Оллоҳёрнинг «Саботул ожизийн» китобларидан.
»


Борлиқ оламларни яратиш баробаринда бизларни — одам болаларини йўқдан бор қилган, иймон, маърифат, илму адаб, ҳикмат баҳш этган, ўзининг ваҳдати зотини, асмаи сифатини бизларга — қулларига билдирган Холиқи даҳрга мадҳу таҳсинларимиз ва шукрларимиз бўлсин.

Раҳим ва Раҳмон ҳабиби, оламлар нури, олимлар фахри бўлмиш Муҳаммад мустафо салаллоҳу алайҳи ва салламга салоту салом ва таҳийят бўлсин.

Муҳтарам пайғамбар афандимизнинг азиз авлодларига, хонадонлари аҳлига, дин йўлида ёрдамчилари, дунёи охиратда содиқ ёрлари мартабасидаги улуғ биродарларига саловотлар бўлсин. Ва жами анбиё саловатуллоҳи алайҳим ва авлиёи киром руҳларига восил бўлсин ва биз мискинлардан рози ва ҳушнуд бўлсинлар. Инша Аллоҳ, омийн. Аммо баъд:

Шукрларимиз бўлсинким, неча йиллардан бери шайтонга тобе олам аҳволининг баёни баҳонасида сиз муҳтарам китоб муҳиблари билан биргамиз. Сизлардан бениҳоя миннатдорманким, саховатингизни аямаганингиз ҳолда бир ожиз ва нотавон банда сабаби билан қоғозга туширилган мазкур битикдаги саҳвул-қаламга кечиримли бўлдингиз, узрларимизни эътиборсиз қолдирмадингиз. Яна бир қувончимиз шуки, шайтон васвасасига берилмоқлик, шайтонга қарши жиҳодда мағлуб бўлмоқлик оқибати Сиз — азизларни лоқайд қолдирмади. Сиз билан биз «Фалончи қўшним (ёки ҳамкасбим, ёки қариндошим) менинг душманим», де-йишга одатланганмиз. Мен буни бир оз ўзгачароқ тарзда баён қилган бўлардим. Сабабки, Одам боласининг Одам боласига душманлиғи дуруст эмасдур. Одамнинг ягона душмани — иблисдур! Иблиснинг энг зўр қуроли — нафс. Демакки, биз душманни атрофимиздан эмас, ўз вужудимиздан, ўз руҳимиздан изламоғимиз жоиз. Буюрилмишким, «ла-тазанил холқа бимизаника, ваззин нафсака би мизонил қавм». Маъноси будирким: «Халқни ўз ўлчовинг ила ўлчамагил, билъакс, ўз нафсингни қавм (халқ) ўлчови (мезони) ила ўлчагил». Шунга бизлар амал қилсак, ҳидоят йўлидан тоймасмиз, инша Аллоҳ.

Тўртинчи китобга жамланувчи фикрларни қоғозга тушириш аввалида айрим изоҳларни баён этмоққа ҳожат сезилди. Дастлабки умидимиз — воқеалар баёнини уч китобга жамлаш эди. Учинчи китобда умидга еткурган Тангримизга шукрлар қилганимиз ҳолда асарга сўнгги нуқта қўйилганини маълум этиб эдик. Яширмаймиз, дастлабки аҳдга биноан ўзимизни зўрлаган ҳолатда асарни якунлагандай бўлиб эдик. Ана шу зўракилик талабчан китобхонларимизга маъқул келмабди. Учрашувларда, мактубларда асар якун топмагани хусусида танқидий фикрлар билдирилди. Шу кезлари гиёҳвандлик оқибатлари муаммолари ҳусусида ҳужжатли филм учун маълумотлар тўплашга тўғри келди. Мазкур жараён ҳам асарни давом эттиришга даъват этди. Бизни энди ҳижолатга солаётган бир сабаб бор: «Бемаза қовуннинг уруғи кўп бўлар», деганларидек, асарнинг чўзилиши оқибатида Сиз — азизлар ҳафсаласини пир қилиб қўймасак бўлгани... Начора, яхши умид билан яна қўлга қалам олдик, раҳмли Парвардигоримиздан хайрли ниҳоясига етказмоғини сўраймиз.

Муножотимиз будир:

Илоҳо Парвардигоро! Иззатинг ва жалолинг ҳаққи, анбиёю мурсалин ва авлиёйи солиҳийн ва уламои росихин разияллоҳу анҳум ажмаъйин арвоҳи шарифлари ҳурмати, биз заиф ва гуноҳкор қулларингни ҳам бу қавмдан бенасиб қилмагил ва ул хос наслиданким, буларга насиб этдинг, бизларни ҳам маҳрум қилмағил. Ва шаръий амалларимизни гуноҳларимизга каффорот айлагил ва сўнгги нафасда иймонимизни шайтон макридан ўзинг сақлагил. Омийн я Роббил аламийн[1]!

Шундан сўнг Ҳақ таоло инояти билан баёнларимизни бошлармиз, биавниллоҳи таоло.

I боб

1

Лаҳтак булутлар қитмирлиги туфайли яйраб нур тарата олмаётган қуёш шом киришини кутмаёқ бота қолгандай бўлди. Тонгда эса Беғубор осмон умидида кайта бош кўтардию яна булутлар шумлигига учради. Олмония қуёшининг тайинсизлигига, файзсиз тонгларига Манзуранинг чидаши оғир кечди. Зотан, унинг қалби шу қуёш каби ожиз ҳолатда эди. Гарчи ўғилларининг тўйидан кўнгли равшанлашган бўлса-да, ҳавотир булутларининг чақинидан бағри куйиб турарди.

Эри Асадбекнинг, қизи Зайнабнинг аянчли аҳволидан бехабар бўлса-да, ўзига ҳам номаълум бир туйғу кўнглини ғашлик булути билан чирмаб турарди. Асадбекнинг телефонда тўнг оҳангда гаплашиши уни ажаблантирмас, бу ҳолатга йиллар бўйи кўникиб кетган эди. Уни эзаётган нарса бошқа — эри ҳар сафар «уйга қайтишга шошилма»,— деб гапни қисқа қилади. Қудалари эса «Қачон қайтасизлар?» деб очиқ айтишмаса ҳам кўз қарашларидан шу маъно сезилиб турарди. Ўғиллари нигоҳида ҳам шу савол зуҳур эди. Маъсума аёл саволга жавоб қайтаришга қодир бўлсами эди, бу ерда бир он ҳам қолмасди.

Қанотлари қайрилган эмас, қирқиб олинган қуш ҳолатидаги Манзура тунда қуёш балқишини кутган нотавон каби эридан ҳар дақиқада бир мужда кутарди.

Манзура қамоқдаги маҳбус ҳолатида эди, дейилса юмшоқроқ айтилган бўлади. Чунки маҳбус озодликка қачон чиқишини билади, шу кунни, соатни, орзиқиб кутади. Кутиш ҳам у учун бир саодат. Ҳар тунда ёстиққа бош қўйиб ҳар тонгда кўз очишининг ўзиёқ бир бахт. Манзура эса яна қанча тунд тонгларни мусофирликда қаршилашини билмайди.

Ўзини қафас темирларига уравериб қанотларини мажруҳ этган қуш аҳволидаги Манзуранинг дарди қудаларига аён эди. Шу боис кўнгил хиралиги тарқаб, дилга бир ёруғлик мўралармикин, деган мақсадда Шветсарияга сафар қилишни таклиф этишди. Меҳмоннинг ихтиёри мезбонда бўлгач, Манзура нима дея оларди? Ўғиллар онадаги ташвиш булутини нари ҳайдаш ниятида Алп тоғларининг беназир гўзаллигини мадҳ этишди. «Боланинг кўнгли далада» деганлари балки шудир. Ҳозир ғойибдан бир овоз келиб «жаннат эшиклари сенга очилади, кирасанми ё уйингга борасанми?» дейилса у ҳеч иккиланмай уйга қайтмоқни ихтиёр этарди. Зотан, аҳли оилага муҳаббат ҳам иймоннинг гўзал бир кўринишидир.

Икки ўғли, икки келини, Гулузор бегим ҳамроҳлигида мақталган ерларга борган Манзуранинг зимистон кўнглига равшанлик мўралай олмади. У фарзандлари кичиклигида Нанайга бир неча марта чиққан, сув омбори қурилиб, қишлоқ бузилгач, анчагача кўнгли вайрон бўлиб юрган эди. Кейинчалик Маҳмуднинг хотини билан бошқа қишлоқларга ҳам чиқди, Шоҳимардонга ҳам борди. Бироқ, дастлаб чиққанида дилига ўрнашгани учунми, бошқа жойларни Нанайга ўхшата олмади. Шветсария Алплари деб ном чиқарган, дунёдаги мана ман деган бойларнинг севимли масканига айланган бу қорли тоғлар унинг ақлини лол қила олмади. Тўғри, у ёзлоққа чиққан, қорли тоғларнинг ҳавосидан эса нафас олмаган эди. Маҳмуднинг хотини «Опа, болларни олиб Чимёнга чиқайлик, чена учиб келишсин», деганида «Қишнинг совуғида тоғда бало борми?» деб унамаган эди.

Келинлари билан ўғилларининг яйраб чанғи учаётганларини кўриб ҳам кўзлари қувонди, ҳам «булар ўқишяпти, десам чанғи учишдан бўшашмаган шекилли» деган фикрга келди. Манзура «ўғилларим чанғи учишни шу ерда ўрганишган», деб ўйлаб янглишди. Чўлпоной билан Муштарийнинг шу ерда ўрганганлари айни рост. Абдусамад билан Абдуҳамиднинг Жамшид ҳамроҳлигида тез-тез Чимёнга чиқиб туришганидан у бехабар эди. Болалари бир сафар ижозат сўрашганида «йиқилиб, у ер-бу ерини синдириб олмасин» деган: ҳавотирда рухсат бермаган, юраги қайнаб турган ўғилларининг яширинча чиқишларини эса хаёлига ҳам келтирмаган эди.

Қорли ёнбағирдаги одамлар орасидан Манзура ўғилларини нигоҳи билан излайди. Йиқилиб тушаётганлар ўғлидай туюлиб, юрагига бир зирапча санчилгандай сесканади. Ҳолатини сездирмасликка ҳаракат қилса-да, Гулузор бегим ундаги ҳавотирни фаҳмлаб:
— Бу ернинг қори худди пар болиш кабидир, йиқи-лажак ўлсангда бир ҳузурланурсан, — деб қўйди.
— Сиз ҳам учасизми? — деб сўради Манзура ажабланиб.
— О, албатта, — деди Гулузор бегим қаҳва ҳўп- лаб. — Бу шунчаки шўхлик меваси эмас, сиҳҳат учун-да лозим ўлароқ бир амалдир.

Улар ўтирган қаҳвахона осойишта, таралаётган ёқимли оҳанг ҳам шунга мос эди. Гулузор бегим бошини эгганича ниманидир ўйлади, ҳатто ҳузурида азиз меҳмон ўтирганини ҳам унутгандай бўлди. Сўнг бошини кўтариб дераза оша ташқарига қаради-да, худди ўзига ўзи гапиргандай пастроқ овозда:
— Неки вор, хапси чўх гўзалдур, — деди. Кейин юзини қудаси томон буриб, қўшиб қўйди: — Аммо хапсидан Ватангина гўзалмишдир!

Кейинги жумлада армон зухур эди. Бироқ, ўз ёғига қоврилиб юрган Манзура буни «уйингизни соғингандирсиз?» деган маънода тушуниб енгил сесканди.

Тақдир иплари фарзандлари туфайли гўё боғлангандай бўлган бу икки аёлнинг соғинчлари, армонлари бир-бирига сира ўхшамас эди. Таъбир жоиз бўлса Ватан соғинчи Гулузор бегимга ота мерос, қон билан кирган, жон билан чиқғувчи фазилатдир. Ўзининг эмас, волидайн киндик қони тўкилган Ватан тупроғига қадам қўймай, ҳавосидан нафас олмай туриб соғиниш қандай бўлишини тасаввуримизга сиғдиришимиз, баён этишимиз ғоят мушкул. Ватан — яъни ота юртни соғиниш даражаларини белгиламоқда «мусофир бўлмагунча мусулмон бўлмас», деган ҳикматни ҳисобга олмоқ балки жоиздир? Дейдиларки, булбулни «гар олтун қафас ичра» сақласангиз ҳам сайрамас экан.

Манзурадаги соғинч ҳислари эса бутунлай ўзга. Ватан исмли ўлчовсиз туйғудан ҳоли, демоқлик ноўриндир. Чунки у соғинаётган оила, ҳовли, яқинлари — Ватаннинг зарраларидир.

Яратганнинг мўъжизаларига ақл бовар қилмайди: шу каби тоғ, шу каби қор кўпгина юртларда мавжуд. Гулузор бегим айтганларидай, бу ернинг қори пар ёстиқдай юмшоғу бошқа ерники тошдай қаттиқ эмас. Эътиборли жиҳати шундаки, қорли тоғларнинг ҳар бири ўша юрт эгаси учун суюмлироқ. Шу боис ҳам Манзурани бундаги манзара лол қолдира олмади. Балки эри, қизи ҳам ёнида бўлса бу чиройни илғармиди?

Қаҳва ичаётган Гулузор бегим билан таъмсиз туюлган бўлса-да, мезбоннинг ҳурмати учун ўзини зўрлаб чой ҳўплаётган Манзурани боғлаб турувчи бир нарса бор: бу қалблардаги ҳисларни юқори мақомда баён этолмаслик, бу ҳислар тўлқинида жўш уриб суҳбатлашолмаслик ёки баҳслаша олмаслик.

Шаҳарчани айланиш ҳам, қаҳвахонада ўтиравериш ҳам Манзурани зериктирди. Меҳмоннинг ўғиллари билан шаҳар сайрига чиққанидан фойдаланган Гулузор бегим эса қизларига қўшилиб чанғи учди, кўнгил чигилини ёзиб олди. Бир ҳафта — ўн кунга мўлжалланган саёҳат Манзуранинг кўнглига қараб, уч кундаёқ ниҳоя-сига етди.

Шветсариядан кетмай туриб Маҳмуд — Чувриндига қўнғироқ қилиб муаммони ойдинлаштирмоқчи бўлди.
— Маҳмуджон, акангизнинг дардини сиз яхши биласиз, келаман, деб ўзлари келмаяптилар, қайтиб кетай десам, унга унамайдилар, сиз бирон нима билсангиз айтинг, — деди.

Чувринди нима десин? Янгаси «акангизнинг дардини сиз яхши биласиз», дейди. Зоҳирий дардини-ку билади, аммо айта олмайди. Ботиний дардини эса гумон кўзлари билан кўради. «Акам дард билан ёлғиз ўзлари олишиб, ёлғиз ўзлари мағлуб бўлмоқчилар. Янгамнинг кўз ёшлари тўкиб ўтиришларни истамаяптилар», деб таҳмин қилади. Таҳминида озгина жон бўлса-да, хожасининг асл мақсадини у ҳам аниқ билмайди.

Сўнгги онлари яқинлашганини сезган мағрур бургут ўлимни инида кутиб олмай осмонга парвоз қилиб сўнг ўзини қоя тошларига урар экан. Чувринди хожасини ана шу бургут мисолида кўрарди. Унга фақат бир нарса: сўнгги парвознинг қачон ва қандай бўлиши номаълум эди. Чувринди буларни ҳам айта олмади. Шунинг учун:
— Акам тайёрланяптилар. Бу ерда зарур ишлар чиқиб қолди. Акамдан аввал Зайнаб борсалар керак. Бир-икки кундан кейин рухсат тегадиган бўлиб турибди, — деб қўя қолди.

Бу мужмал жавоб Манзурани қаноатлантирмай Олмонияга қайтган куннинг эртасига уйига қўнғироқ қилди. «Адаси, сиз кейинроқ келарсиз», деган таклиф ҳамда қайтмоқлик аҳдини маълум қилиб қўйиш ниятида эди. Болохонадаги йигитнинг «Бек акам жанозага кетганлар» дейиши юрагидаги хавотир учқунини ўт олдирди.
— Кимнинг жанозаси? — деб сўради овози титраб.

Йигит «бу шумхабарни айтиш мумкинми ё йўқми?» деган мулоҳазада сукут сақлади. Аслида у «Бек акам йўғидилар-а», деб гапни қисқа қилмоғи жоиз эди. Хаёли кутилмаган фожиа билан банд бўлгани учун беихтиёр равишда «жанозага кетганлар» деб юборган эди.
— Кимнинг жанозаси? — деб қайта сўради Манзура.
— Маҳмуд акамники, — деди йигит бир оз довдираган ҳолда.
— Қайси Маҳмуд? — Манзура «Қайси Маҳмуд» эканини англаган бўлса-да, «ишқилиб мен танимайдиган бошқа одам бўлсин», деган илинжда қайта сўради. Йигитнинг навбатдаги сукути бу илинжга қувват бергандай бўлиб, сўнг эса ғиппа бўғиб қўя қолди: Чувриндининг фожиаси ҳақидаги шумхабар ҳушини олди.

Манзура гўшакни жойига қўйгач «кўнглимнинг хижиллиги бекорга эмас экан», деб ўйлади. Туғишган укасидай бўлиб қолган одамнинг фожиаси дастлаб уни гангитган бўлса, сўнг ўзи яшаётган оламда ҳалокатлар тасодифий бўлмаслигини билгани учун ҳам хавотир ўтида қоврила бошлади. Эрининг сафарни пайсалга солиши, Маҳмуд — Чувриндининг икки кун аввалги мужмалроқ жавоби, ниҳоят фожиа ҳақидаги хабар юрагининг бир чеккасини жизиллатиб турган хавотир чўғига мойдек сепилиб аланга олдирган, энди бу ўтни ўчириш мумкин эмас эди. Мана шу ташвиш гулхани ундаги мутелик чегарасини бузди. Манзуранинг беором қалби уни камдан кам ҳолларда юз берувчи инқилобга даъват этди. Фақат қудаларини эмас, ўғилларини ҳам ажаблантирган ҳолда сафари якун топганини маълум қилди. «Меҳмоннинг иззати уч кун эди, тўй баҳонасида шунча қолиб кетдим, қизларимни дарров бағрингиздан юлиб олгим келмади», деб лутф қилмоқчи бўлди-ю, аммо лабларидаги енгил титроқ, кўзларидаги паришонлик кўнгил нотинчлигини аён қилиб қўйди.

Манзуранинг шу кунга қадар қайтишга шошилмаёт-гани қудаларга малол келмаётган бўлса-да, «у томонлар тинчликмикин, ишқилиб?» деган хавотирлари мавжуд эди. Қудаларининг қайтмоқлик хусусидаги аҳди бу хавотирни нари сургани билан рўпараларига айрилиқ балосини кўндаланг қилиб қўйди. «Бунча шошмасангиз, ҳали сизга тўйганимиз йўқ», деган сохтароқ лутф қудани аҳдидан қайтара олмаса ҳам айтилди.

Юртни соғинган юраклар қалбларининг икки парчасини юлиб олиб юртга узатишди.

О, бу бахтга ташна юраклар рўпарада бало булутларининг ямлашга шай турганини билишсами эди...

Инқилобга жазм этган муштипар ўз қарори билан қайғу-аламлар кўчасига бурилганини билсами эди...

2

Бир кун олдин Асадбек ғалати туш кўрган эди.

Буни туш дейиш ҳам қийин. Машинада келатуриб бир дақиқанинг нари-берисида мизғиди. Радиода айтилаётган гапларни эшитиб турди, демак, ухлади, де-йиш мумкин бўлмаганидек, туш кўрди, демоқлик ҳам ўринсиз. Балки хаёлига чақмоқ каби урилган беўхшов манзара унга тушдай туюлгандир. Манзура уйда бўлганида бориб айтарди, у йўйиб бир маъно чиқарарди... Асадбек ўзича маъно қидириб кўрди-ю, «бунақа бемаъни тушда маъни нима қилсин» деган тўхтамга келди. Унинг фикри тўғри: алоқ-чалоқ, маънисиз тушлар кўп кўрилади, аммо бунақаси учрамайди.

Нима эмиш, кафанга ўраб-чирмалган Асадбек тобутда ётганмиш. Тобут ҳам қизиқ, атрофига оқ мато ўралган эмас, шағал ташийдиган замбилга ўхшаш, ўликнинг ҳам кўнглини айнитадиган бир бало эмиш. Одам оз эмиш. Кафанланган Асадбек «Ўйнаб-кулиб юриб минглаб ошна-оғайни орттирибман-у, тобутимни кўтарадиган йигирмата дўст топа олмабман-да», деб ўйлаб хўрлиги келибди. Тирик одам хўрланса чораси осон: бировни уриб-сўкар, ёки йиғлаб олар. Кафанланган бечора нима қилсин? Асадбек оқ сурпга эмас, алам матосига ўралганича ётаверганмиш. Бу ҳам майли, чидай оладиган манзара. Тобут олдидаги манзара жиннининг ҳам эсини тескари қилиб юбориши мумкин.

Нима эмиш: жирканч тобут олдида қўш сурнай, қўш ноғора, қўш карнаю қўш чилдирма! Бака-бакабум авжида. Олдинда эса тўн кийиб белини боғлаган Кесакполвон ер тепиниб ўйнаб боряпти. «Ҳой аҳмоқ, — дермиш кафанланган Асадбек, — бел боғлаган одам ҳам тобут олдида ўйнайдими?» Бу саволни эшитган Кесакполвон қаҳ-қаҳ отиб кулармиш. «Тўй бўлганидан сўнг ўйнайман-да» дермиш. «Тўй? — деб ажабланармиш кафанланган Асадбек, — кимга тўй, кимга аза?» «Бизга тўй, — дермиш Кесакполвон, — сенга эса аза...»Кейин мозорга олиб боришди. Мозорми ё шаҳар аҳлатхонасими — ажратиш қийин бўлган бир жой. Агар шу жойни ўликка кўрсатиб «сўнгги маконингни кўриб қўй» дейилса, ўрнидан туриб қочиб қолиши аниқ. Лекин кафанга чирмалган Асадбек чорасиз эмиш, қоча олмасмиш. Лаҳадга қўйилиб, тупроқ тортила бошлаганида қорининг тиловати эшитилмайди, билакс, яна ўша қўш сурнай, қўш ноғора авжига чиқади. Ҳамма ўйнайди-қувнайди. «Ўлик кўмишга ҳам қасам ичирвордиларинг...» деб ғижинармиш лаҳаддаги Асадбек. Кейин қараса лаҳаддаги бошқа одаммиш, ўзи қабр тепасида турганмиш. Лаҳаднинг оғзи очиқмиш, пастда юзи очилиб, қиблага мойил қилиб қўйилган одамга «Ким экан?» деб қарармиш-у, аммо танимасмиш...»

Кўрганлари мана шулар. Даҳшат деса даҳшат эмас, фикрлашга, маъни қидиришга ҳам арзимайдиган та-йинсиз бир манзара... Ўша онда шу фикрда эди.

Аммо эртасига, Чувриндининг ўлимини эшитгач, бемаъни саналган шу тушни яна ёдга олди. Юзи очилиб, қиблага мойил қаратиб қўйилган майитни эслади. Тобут олдида, сўнг қабр атрофида ўйнаётган Кесакполвон кўз олдида гавдаланди. «Бизга тўй, сенга аза», деган гап қулоғи остида жаранглади.

Асадбек Кесакполвоннинг тахтга интилишини кутган-у, аммо Хонгирейнинг бу мақсадидан бехабар эди. Кесакполвоннинг карнай-сурнай навосига эмас, балки Хонгирейнинг дўмбрасига ўйнаётганини кейинроқ фаҳмлайди. Кейинроқ фаҳмлайдию илон чақиб доғда қолган одам ҳолига тушади. Инграйди, тўлғонади, қани эди бундан бир фойда бўлса?!

Бунга ҳали вақт бор. Ҳозирча илон унинг илиқ бағрида, озгина бесаранжомлиги инобатга олинмаса роҳатда дейиш ҳам мумкин.

Жанозага қадар ҳам, қабрга тупроқ тортилаётганда ҳам Асадбек беихтиёр равишда Кесакполвонни кузатди. Майит лаҳадга қўйилаётганда Кесакполвоннинг «Вой жигарим! Вой укажоним!» деган ўкириги «Вой, отам!»леб бўзлаётган болаларнинг ноласини босиб кетди.

Асадбек гўрков тутган кетмон юзига бир сиқим тупроқ ташлагач, Жалил уни ёмғирдан панага, нарироқдаги шийпонга тортмоқчи бўлди. Бу билан хаста дўстини ҳам ёмғирнинг савалашидан, ҳам руҳий азобдан ҳимоя этмоқчи эди. Асадбек унга норози қиёфада қаради. Шунда Жалил намланган кўзлар эгасининг дарду ғам денгизи нақадар мавжли эканини фаҳмлади. Кўзларининг бу каби дардли боқишини у кўп йиллар муқаддам кўрганди. Укаси, сўнг онаси дафн этилаётганда ҳам қорачиқни шундай ғам пардаси тўсган эди. Асадбек ўшанда ҳам овоз чиқариб йиғламаган эди.

Асадбек Чувриндининг ўғли қўлидаги белкуракни олиб қабрга беш-олти марта тупроқ ташлагач, бир оз чекинди, аммо узоқ кетмади. «Таборак» ўқилиб, юзларга фотиҳа тортилгач, Жалил тарқалаётган одамларга қўшилиб нари юрди, сўнг қабр тепасида ёлғиз қолган Асадбекни, у томон юра бошлаган Кесакполвонни кўргач, тўхтади.

Асадбек «ҳамма ёқни бўктириб ташлайман» дегандай керилиб ёғаётган қор аралаш ёмғирнинг қилиғига парвосиз равишда турарди. «Бу ер менинг жойим эди, Маҳмуд укам... Сенга қасд қилганни хор қилмагунимча ёнингга келмайман...»

Қадимда қабристонни зиёрат этмоққа ижозат йўқ экан. Сўнг «бандалар мозористонни кўриб охиратни ўйласин, деган мақсадда рухсат этилган экан. Шунга кўра эртами-кечми қисмати қаттиқ гувалага бош қўймоқ бўлмиш одам тавбани, шайтон васвасасидан қутулмоқни ўйлаши керак. Юзларига қор зарралари, совуқ ёмғир томчилари урилаётганини сезмай турган Асадбек эса измини иблис ҳукмига тўла топшириб, яна тошга айланган қалбини қасам билан қувватлантирган эди. Зулм-га зулм билан жавоб қилмоқ унинг наздида ҳақиқат эди.

Ҳукм қатъийлашган пайтда кимдир қўлидан ушлаб тортди. Ўгирилиб қаради: Кесакполвон.
— Сен менинг юрагимга тупурдинг, — деди Асадбек.
— Ундай дема, Асад, агар шу менинг ишим бўл- са — Худо урсин!
— Йўқол!
— Асад...
— Йўқол дедим!

Кесакполвон уч-тўрт қадам чекинди-ю, аммо йўқолмади. Ошнасининг шумшайиб туришига тоқат қилолмаган Жалил унга яқинлашиб, жиққа ҳўл елкасига қўл ташлади.
— Асад, юр, келди-кетдига қараб туришинг керак.

Асадбек акасининг йўриғидан чиқмайдиган мўмин боладай Жалил бошлаган йўлга юрди.

Машина Чувринди яшаган кўчага яқинлашганда Асадбек Ҳалимжонга:
— Ўнгга бурма. Тўғрига ҳайда, — деди. Сўнг пича сукут сақлагач, қўшиб қўйди: — Эски уйимга ҳайда.

Жалилга унинг бу қарори ғалати туюлди.
— Сен бу ерда туришинг керак, — деди у.
— Туролмайман... чидолмайман.
— Бормасанг... сендан кўришади...

Асадбек жавоб бермади. Ҳалимжон бурайми ё кетаверайми, дегандай машинани секинлатди. Буни сезган Асадбек зардали товушда буюрди:
— Тўғрига ҳайда, дедим!

Жалил Асадбекнинг бу буйруғига эътироз билдирмади. Машинадан тушиб ошнасига эргашганда Асадбек уни остонада тўхтатди:
— Уйингга борақол.

Жуда майин, дардли, айни чоқда илтимос оҳангида айтди. Бошқа вазият бўлганида Жалил «Одамга ўхшаб гапиришни ҳам билар экансан, а» деб узиб олган бўларди. Ҳозир эса «укамдан хабар олай-чи», деб ота ҳовлисига кириб кетди.

Совуқ уй. Совуқ танча. Худди қирқ йил аввалги каби.

Ҳўл палтосини ечмай танчага ўтириб, қунишди. Эти увишди. Дераза орқали ташқарига қаради. Осмону замин ҳукмронлиги учун бир неча соатлик олишувдан сўнг бемаврид ёпирилган шошқалоқ ёмғир қишнинг сўнгги совуқ нафасига дош беролмай чекинган, қор зарралари эса ғалабадан масъуд, шошмай-шошмай, яйраб-яйраб, учиб-учиб, сўнг аталаси чиқаёзган ерга аста қўнарди. Икки ярим ойлик қиш ҳукмида томир-томирларигача музлаётган замин юзига қўнаётган қор зарраларидан гўё жунжикарди, ҳўл палтоси билан совуқ танчада ўтирган одам каби қунишарди. Орадан кўп фурсат ўтмай ер сатҳи оқарди. Асадбекнинг хаёлига урилаётган фикрлар бу беозор қор зарралари каби эмас, балки беаёв урилувчи дўл сингари эди.

Красноярга бориб қайтгунига қадар бу уйга ҳар келганида, шу ерда ўтириб дераза оша кўча томонга қараганида гўё эшик очиларди-ю, чана кўтарган дадаси кўзига кўринарди. У бир-икки қадам босарди-ю, аммо уй остонасига етиб келолмасди. Унинг изидан ўша икки одам пайдо бўларди. Дадасининг «Тойчоқ!» деган хитобини уларнинг «Биз дўстларимиз, отанг — халқ душмани!» деган совуқ саслари бўғиб ўлдирарди. Отасининг қабрини зиёрат қилиб қайтгач, ўзи ҳам тушунмаган ҳолда, бу манзара кўринмай қолди. Кимдир уй ичида хўрсинди. Бир эмас, бир неча марта хўрсинди. Асадбек бу ҳолатдан бир оз чўчиди ҳам. Уйда узоқ ўтира олмади.

Ҳозир ҳам дадасини кўриш илинжида яна қаради. Эшик очилди...

Эшик очилди-ю, Жалил ижроқўм вакилини бошлаб кирди. Асадбек «йўлни нариги маҳалладан сол, бу ер бузилмайди», дегач, «ижроқўмдан келган ўртоқ» беихтиёр равишда «иш бошланган, лойиҳани ўзгартириб бўлмайди», деб юбордию тилини тишлади. Асадбекнинг ўқрайиб қарашига дош беролмай, изига чекинди. Жалил унга эргашган эди, Асадбек заҳарли овози билан уни тўхтатди:
— Жалил!
— Кузатиб қўяй, — деди Жалил, остона ҳатлаб.
— Жалил! — заҳарли овоз энди таҳдид либосига ўралди. — Ўтир. Чақирилмаган меҳмон, ўзи кетаверади.
— Танчага чўғ олиб чиқаман.
— Ўтир дедим, сенга!

Жалил қайтиб, танчага омонат ўтирди. Кейин ўрнидан туриб қўшни хонага кирди-да, электр печи олиб чиқиб қўйгач:
— Аҳмоқлик ҳам эви билан-да. Сен аҳмоққа қўшилиб шамоллашга тобу тоқатим йўқ, — деб яна ташқарига чиқди. Уч-тўрт дақиқадан сўнг хокандоз тўла чўғ кўтариб кириб танчага солди. Чап панжасида сиқимлаб турган исириқни чўғ устига ташлаб, жойига ўтиргач, «гапинг бўлса, ана энди гапир»дегандай ошнасига қараб олди.

Асадбекнинг унга айтадиган гапи йўқ эди. Фақат бир неча дақиқалик ёлғизликдан сўнг дўстининг ёнида бўлмоғини истаб қолганди. Бир зумлик сукутдан кейин Жалил қарашига ярашиқли жавоб олди:
— Илгари ҳам шунақа аҳмоқмидинг ё энди аҳмоқ бўляпсанми?
— Ҳа, укахон, нимага ачишиб қолди?
— Ўртоғингни бошлаб киришинг шартмиди?

Жалил нотўғри иш қилганини англаб турса ҳам айбига иқрор бўлгиси келмади:
— Уйма-уй юрган экан, мен бошлаб келибманми?

Жалил авж пардасини озгина кўтариш эвазига даҳанаки олишувни дебочасидаёқ ўз фойдасига ҳал қилди. Итининг феъли эгасига маълум деганларидек, ошнасининг қилиғини яхши билган Асадбек «яна бобиллаб бермасин», деган ҳавотирли ўйда мағлублик тамғасига итоат этиб, битта гапдан қола қолди.

Оёғидан иссиқ ўтгач, бадани бўшашди. Уйқу босиб мудрай бошлаганда кўча эшик очилиб, остонада тўн билан телпак кўтарган Ҳалимжон кўринди. Жалил ўрнидан тураётганида Асадбек кўзларини очиб, ташқарига қараб олди-да, ошнасининг меҳрибонлигидан ийиб кетди. Тўн, телпак, иссиқ жун кўйлак, жун пайпоқ олиб келишга Ҳалимжонни жўнатиш ҳатто ўзининг ҳам хаёлига келмаган эди. Асадбек кийимларни алмаштириб олгач, декчада қайноқ шўрва, иссиқ нон, чой киритилди. Асадбекнинг иштаҳаси бўлмаса ҳам ўртоғининг зўри билан шўрвани хўриллатиб ичиб олди-ю, пешонасидан тер чиқиб, танаси яйради.

Икки пиёла чойни кетма-кет ичиб олгач, Жалил лўлаболишга ёнбошлади:
— Камбағалнинг тўйгани — чала бой бўлгани, — деди у кекириб. — Сенга қўшилиб мен ҳам бой бўлдим, худога шукр.
— Мен-чи? — деди Асадбек.
— Сен мендан батарроқ камбағалсан.
— Шўрва ичгандан кейин ҳамми?
— Сен камбағал-бой деганда нимани тушунасан ўзинг? Пулинг кўп бўлса бойсан-у, йўқ бўлса камбағалмисан? Пул деганинг қўлнинг кирими? Собитхоннинг гапларини эшитганмисан? Одамнинг чўнтаги эмас, иймони бой бўлиши керак. Эгамнинг олдига шу бойлик билан бориб рўпара бўласиз.
— Шўрва ичса, иймон бой бўладими?
— Калланг жойидами? Шўрва нимаю иймон нима, фарқига борасанми ўзинг?

Жалилнинг чала муллалиги тутиб, у ер-бу ерда эшитганларини дастак қилиб «амри маъруф»ни бошлаб юборди. Асадбекнинг жимгина ўтириб тинглаши Жалилга илҳом берди — ҳали у, ҳали бунисидан чў-қилаб-чўқилаб, бўзчи билганини тўқиганидай гапираверди.

Асадбекнинг сомелиги зоҳиран эди. Хаёли Чувриндининг ўлимига доир муаммолар чигилини ечиш билан банд бўлгани сабабли айтилаётган насиҳатлар у қулоғидан кириб бунисидан чиқар, мияга ўтишга, фикр хазинасидан жой олишга унинг ожиз ҳолати йўл қўймас эди. Унинг учун энг маъқули — Жалилнинг тинмай «сайраб» туриши. Нима деса ҳам майли, гапирса бас, ҳозирги ҳолатида Асадбекнинг вайрон кўнгли ёлғизлик азобига дош беролмайди. Жалил уйига кириб чиққунича буни ҳис қилди — уй деворлари ўрнидан силжиб, уни сиқа бошлади. Жалилнинг жим ўтириши эса, ёлғизликдан ҳам ёмонроқ.

Тош бўлиб қотган, муҳрланган қалбни эритмоқ фурсати ўтганини фаҳмламаган Жалил ошнасининг ўзига хос мамлакат фиръавни эканини, охират қисмати ҳам фиръавнники каби эканини ўйлаб кўрмаган эди.
— Худо сенинг жонингни қайтиб берди, бир ўлиб, бир тирилдинг, — деди Жалил. — У дунёга ўтишингга бир қарич қолувди. Ўлсам нима бўламан, деб ўйла-дингми ҳеч?

Бу савол Асадбекнинг сомелиги сохта экани, «амри маъруф»ни тингламаётганини фош қилиб қўйди.
— Сенга гапиряпманми ё деворгами? — деди Жалил зардали оҳангда.
— Гапингни қайтар, тушунмадим, — дедим Асадбек енгил йўталиб.
— Эшитсанг тушунардинг, —Жалил шундай дегач, саволини такрорлади.

Асадбек хаёлидаги паришонликни яшириш учун жавобдан бўйин товлади:
— Ўлимни ўйлаш учун касал бўлиш шартми, ўзинг ўйламайсанми?
— Менинг ўйлашим бошқа, сеники бошқа. Оллоҳ чақирса, «лаббай!» деб кетавераман. Менинг бу дунёда ачиниб ташлаб кетадиган матоҳим йўқ. Сенга қийинроқ, шунча тўпланган мол-дунёни ташлаб кетиш ўзи бўладими? Ҳали бу топган-тутганларингни ҳисобини беришинг ҳам бор. У ёқда юмшоқ каравоту пар ёстиқлар йўқ. Муздек ерда ётасан...

Бу гапни эшитган Асадбек худди лаҳадда ётгандек сесканиб кетди:
— Гапингнинг совуқлигини қара, ойинг музхонада туққанларми сени?
— Гапим совуқ бўладими, иссиқми — ҳақиқат шу!

Кўча эшиги очилиб, Тўлқин кўринмаганида уларнинг бу «ширин» суҳбатлари сўкиш билан якунланиши аниқ эди. Тўлқин уларнинг синфдоши, айнан шунинг йўқолган пероси туфайли болалар Асадбекка тупуриб, «халқ душманининг боласи»га ўз нафратларини изҳор этишган эди.

Жалил танчанинг чўғхонасидаги чойнакни олиб чой қуйиб узатди. Асадбек Тўлқинни ҳар кўрганида ўша тупуриш воқеасини эслаб, бир ижирғаниб оларди. Айни дамда, юраги зардобга тўлиб эзилиб турган онларда унинг ташрифи дард устига чипқондай бўлди. Тўлқин бемаврид кирганини фаҳмлаб, қандай туриб кетишни билмай каловланди.
— Асадбек ака, қалай, яхши юрибсизми?— деди-ю, кўзларини ундан олиб қочиб, нажот умидида Жалилга қаради. Асадбек «ҳа» деб қўя қолса, осмон узилиб ерга тушмас эди. Шундай бўлса ҳам индамади. Орадаги бир лаҳзалик совуқ сукутни Жалилнинг овози қувди:
— Қачондан бери Асад сенга ака бўлиб қолди? — деди у бир оз киноя оҳангида.
— Ҳа, энди ҳурматлари бор-да.
— Ҳурмати зўр бўлса бошқаларга зўр, сен билан менга у бор-йўғи бир ошна. Қолгани сен билан менга сариқ чақа. Ҳа, бирон ёққа шошяпсанми ё акагинангни кўриб иштонингни ҳўл қилиб қўйдингми? — Жалил бу гаплари билан «маънили бирор гапинг ё юмушинг бўлмаса кета қолганинг маъқул», дегандай ишора қилди. Тўлқин буни тушунди, қайноғи ўлмаган чойни ҳўплаб, оғзи куйса ҳам ютди-да:
— Жанозага ўтиб кетаётган эдим, қарасам эшик очиқ экан, балки сизлар ҳам борарсизлар, баҳонада кўришиб қўяй, деб кираверганим, — деди.
— Ким ўлибди? — Жалил шундай деб у узатган пиёлани олди-да, гулдор патнис устига қўйди.
— Суҳроб ота, бир пайтлар почтачи бўлган одам-чи?

Бу гапдан кейин Асадбек унга ялт этиб қаради. Тўлқин у одамнинг хатчи эканини таъкидламаса ҳам Асадбек яхши билади. Красноярдан қайтгач, отасининг хатларини ким ёқиб юборганини билганда уни бўғиб ўлдиргиси келганди. Шуни эслади-ю «Барибир ўлибди-а» деб тўнғиллади. Тўлқин унинг гапини англамай «менга гапирдими?» деган савол назари билан Жалилга қаради. Жалил Асадбекнинг гапини эшитиб, тушунган бўлса-да, эътиборсиз равишда фотиҳага қўл очди. Тўлқин қайнотасининг ҳузурига илк бор кирган куёв каби довдираб ўрнидан турди. Остона ҳатлаётганида Асадбек уни тўхтатди:
— Тўлқин, сендан бир илтимос, ошна, ўша жанозага бориб юрма, у палидни ёқиб кулини совурган одам савобга қолади. Сен болларни тўплаб кел. Ош қилиб беришни ният қилган эдим, бугун би-ир ўтиришайлик.

Тўлқин «хўп» дедию «гапи чинми?» дегандай Жалилга қаради:
— Ҳа, мен буни битта ошга туширганман.
— Асадбекни шу пайтгача ҳеч ким туширмаган, сенга йўл бўлсин, — деди Асадбек, кейин Тўлқинга юзланди. — Кўчада турган болани айтвор, кирсин.

Тўлқин кўчага чиқиши билан Ҳалимжон илдам юриб келиб уй остонасида тўхтади.
— Сен нима қилиб турибсан?! — деди Асадбек унга қаҳрли нигоҳини қадаб. — Ким келса киритаверасанми?
— Болаликдаги ўртоғингиз эканлар, — деди Ҳалимжон гуноҳкор одам товушида.
— Аканг мен билан ўтирганида бировни қўйма ёки аввал сўраб, кейин қўй, нима дединг, укам?

Жалил вазиятни юмшатишга уринмаса ҳам Асадбек хаёлига келган фикрдан кўнгли бир оз юмшагани туфайли йигитга бошқа танбеҳ бериш нияти йўқ эди.
— Болларга айт, иккию икки[2]га мўл харажат қилиб чиқишсин, — деди Асадбек.

«Ўтмиш эса ҳамиша тотли» деганларидек, болаликда орттирилган дўстлари, улар яхши бўладими ё аблаҳми — фарқсиз, кўнгил тусаб туради. Бундай нафс хуружи бошқаларга нисбатан Асадбекда камроқ содир бўларди. Не ажабки, ҳозир эзгин бир кайфиятда ўтирганда, ҳатто Тўлқиннинг ташрифи ёқмай турганида камнамо соғинч уйғонди. Жалил буни тушуна олмас, Асадбекнинг эса изоҳ бермоққа тоқати йўқ эди.
— Менга қара, укам, маҳаллачилик деган гаплар бор. Ош пишгунча жанозага чиқиб кела қолайлик, — деди Жалил.

Асадбек қовоқ уюб қараб қўйди-ю, индамади.
— Ҳали ҳам аламинг бормиди унда. У бечора атай қилибдими? Мусулмон мусулмоннинг гуноҳини уч кун ичида кечириб юбориши керак.

Бу гап Асадбек вужудидаги ғазаб отининг бир сапчишига сабаб бўлди. Қўли беихтиёр равишда патнис устидаги пиёлага югурди, беихтиёр равишда пиёлани чангаллади, беихтиёр равишда уни Жалилга қаратиб отмоқчи бўлди, аммо кўз кўзга тушиши билан фикридан қайтди, совуб қолган чойни ён томонга сепиб ташлаб, пиёлани «тўқ» этиб жойига қўйди.
— Азроилнинг туғишган жияни бўлсанг ҳам ўзингни босиб ол, бола, — деди Жалил. — Нега тўхтадинг? Отавермайсанми, башарамни мажақламайсанми? Қонсираган бўлсанг, бира тўла сўйиб ташлай қол.
— Ўчир! — Асадбек шундай деб бақирди-да, сўнг тин олди. Кейин ҳорғин овозда, худди ўзига ўзи гапиргандай деди: — Менга қара, дономахсум, сен туғилишинг билан киндигингни ўзинг кесгансан, а? Билиб қўй, мен у ҳаромнинг гуноҳини уч юз йилда ҳам кечмайман. Ўлганимда шу исқиртнинг ёнига қўйгин, гўрда ҳам бўғиб ётаман. Сен оғайнимсан-у, аммо дардинг бошқа. Юрагимни кемириб ётган қуртлар борлигини билмайсан. Билмаганингдан кейин писта қилиб ўтир.

Эшик оғзида Ҳалимжон кўринмаганида эҳтимол Жалил ҳам писта қилиб ўтириш қўлидан келмаслигини айтган бўларди. Ҳалимжон унинг қалампирга беланаётган гапларини тилга чиқмай қолишига сабабчи бўлди.
— Болаларга айтдим, — деди Ҳалимжон ҳисобот оҳангида. — Янгам телпон қилганмишлар.

Асадбек учун бу хабар хавотирсиз эди. Шу сабабли босиқлик билан сўради:
— Нима дебди?
— Сизни сўрабдилар халос.

Асадбек «бўпти, боравер», деган маънода ишора қилди. Хотинининг бу қўнғироғи улуғ қайғулар саройи дарвозаси қулфига солинажак очқич эканини унинг ғофил қалби сезмади.

Кесакполвон азиз фарзандидан айрилиб, дунё кўзларига қоронғу кўринаётган ота қиёфасида турар эди. Қабристонга келганларнинг аксари қорининг тиловатидан сўнг тарқалишди. Унинг «қайғули» кўринишига биров аҳамият берди, биров эътиборсизгина қараб қўя қолди. У ўзини мотамсаро қилиб кўрсатишга тиришса-да, олазарак кўзлари ғамдан йироқ эканини ошкор этиб турарди. Яқинроқ танишлар «бандалик», деб таъзия билдириб қўярди. Унинг олазарак кўзлари эса одамлар орасидан Асадбекни қидирарди. Юраги айрилиқ азоби билан эмас, хавотир ташвиши билан тепарди.

Асадбекнинг қабр тепасидаги гапи, ҳозир эса кўринмай қолиши уни қафасга тиқилган маҳлуқ ҳолатига солди. «Сен менинг юрагимга тупурдинг», деган гапнинг мағзини чақмоқчи бўлди. Болаликда «халқ душманининг ўғлига нафратини изҳор этиш учун» юзига тупургани нечундир эсига келмади. Асадбек илгарилари аччиқланганида ҳам уни «йўқол!» деб ҳайдаб қоларди. Аммо бугунгиси бошқачароқ оҳангда, «бутунлай йўқол» деган мазмунда жаранглади.

«Нима учун дарров мендан гумонсиради?» деб ўйлади Кесакполвон. Кейин ўзидан ўзи нафратланди: «Асад, агар шу менинг ишим бўлса — Худо урсин!» деган гапи энди ўзига ғалати туюлди. «Нега дарров қасам ичдим. Нега ўзимни оқлашга уриндим?» деб ғашланди. «Қўрқоқ, олдин мушт кўтарар» деганлари каби хатога йўл қўйганини фаҳмлаб, қафасдан чиқиш йўлларини излай бошлади. Агар Асадбек шу ерда бўлганида ёнида туриб, бир-икки гаплар билан юмшатишга ҳаракат қилармиди... Шундай ўйларди-ю, аммо Асадбекни қандай гаплар юмшата олиши мумкинлигини билмас эди. Шунинг баробарида дарғазаб хожасининг қайда қолганини ёки қайга жўнаганини ҳам билмасди.

Кесакполвон беўхшов пилдирак каби хизмат қилиб юрган Хумкаллани кўзи билан имлаб, машинаси томон юрди. Хумкалла ҳаялламай, тезгина яқинлашди.
— Бек аканг кўринмай қолди-ку? — деди Кесакполвон лабига сигарет қистириб.

Хумкалла чўнтагидан чаққонлик билан ёққич олиб унга олов тутди:
— Жалилхон акамиз билан биллашиб мошинага ўтирувдилар. Кейин билмадим, ҳайронман, қаёққа кетишдийкин? — деди.
— Бу акангни нима деб чақирувдинг? — Кесакполвон унга ўқдек кўзларини қадади.
— Бек акам чақиряптилар, тез етиб келинг, дедим.
— Ўзига айтганмидинг?
— Ўзлари ҳали келмаган эканлар, ўғилларига та-йинловдим. Оғзимга рўмолча тутиб гапирдим, мени танимади.
— Ҳайвон! — Кесакполвон шундай деб бармоқлари орасида тутаётган сигаретни унинг юзига отди. Хумкалла бир сесканиб, орқасига тисланди. Атрофда одамлар бўлмаганида уч-тўрт тепки мазасини тотиб кўрмоғи тайин эди.
— Ҳайвон, йўқол! — деди Кесакполвон. У ҳам Асадбек каби ғазаб билан гапирди. Хумкалла шошиб изига қайтди-ю, «йўқол!» дегани оддий ҳайдаш эмас, балки ҳукм эканини фаҳмламади.

Кесакполвон Асадбекнинг нима учун дарғазаб бўлганини энди тушунди. Хожасининг юрагини бир-икки гап билан юмшатиш мумкин эмаслигини ҳам англади. Шу пайтга қадар Асадбек билан неча марта хафалашган, аразлашган бўлса, буларнинг барчаси ҳолва экани, қабр тепасида айтилган гаплар тил учида эмас, юрак қаъридан отилиб чиққанини ҳам фаҳмлади.

Ярим тунда Москвага, Хонгирейга қўнғироқ қилиб «Маҳмуд тинчиди» деб суюнчилаганда бўлажак хожасининг «еҳтиёт бўл, ўзинг ҳам тинчиб қолмагин», деган огоҳлантиришини эсладию эти бир сесканди. Бу сесканиш енгил қўрқувнинг зарбиданми эди ё ивиган палтосидан ўтиб баданига санчила бошлаган совуқданми — фарқлай олмади. Хумкалланинг орқасидан бир зум тикилиб туриб, бу бефаҳмни туққан онасини эшакка рўпара қилиб сўкинди-да, машинаси эшигини очиб, орқа ўриндиққа ўтирди. Олд ўриндиқ ғилофининг чўнтагидан бир учи чиқиб турган коняк шишасини олиб қопқоғини очди, пиёлага қуйишга қаноат қилмай, шундайлигича кўтариб, нафаси қайтгунига қадар қултиллатиб ичди. Бу билан нафси ором олмагани сабабли яна кўтарди. Сўнг ўриндиқ орқасида турган икки нокнинг бирини олиб карсиллатиб тишлади. Коняк баданига илиқлик бергач, шиша учинчи маротаба кўтарилди, аммо бу сафар камроқ ичди. Қопқоқни бураб маҳкамлагач, шишани жойига қўйди.

Шу дамда у фақат «Жигари»нинг ўлиминигина эмас, балки навбатдаги икки сайднинг тақдиридан бўлак ҳамма нарсани унутган эди. Тезлик билан овланажак жоннинг аввали — Хумкалла. Унинг умр баёнига нуқта қўйиш Кесакполвон учун оғир иш эмас. Чирт этиб юборгандай бир гап. Фақат «қаерда, қачон, қандай?» деган саволларга жавоб топса бас.

«Жигари» Маҳмуд тақдирига доир бу уч саволга жавоб топган онда «укахони»га бироз ачинган эди. Хумкаллага эса ачинмади. Одам тупроқда ўрмалаётган қумурсқани беҳос босиб олмай деб раҳм қилади. Не қайғуки, Яратган бундай фазилатни барча бандаларига бир хилда беравермас экан. Кесакполвонни яхши билган одам Тангрининг бу мўъжизасига лол қолиб, кичкинагина гавдага шунчалар кўп бешафқатлик, бераҳмлик, зулм чўғи қандай жо бўлган экан, деб ёқа ушлайди.

Қонни қон билан ювиб бўлмайди, деган оддий ҳақиқатни англашга қалдирғоч мўйловини силаганча ўйга толган Кесакполвоннинг ақли қосирлик қилар эди. У кеча қонга беланган қўлини эртага яна қон билан ювмаса ўз қони дарёсига ғарқ бўлишинигина биларди. Жонини асраб қолиш учун жон олмоқдан ўзга йўл унга кўринмас эди.

У неча кунлардан бери гумони таъқибида бўлган Ҳалимжонни ҳам ўйлади.

Ҳосилбойваччанинг қайси гўрга тиқилгани билан қизиқиб юрувчи бу йигитга ҳам қатъий бўлмаса-да, ҳукм чиқариб қўйган эди. Ҳалимжон фақатгина «милитсияга сотилган» деган гумон тўрида экани учун эмас, балки Кесакполвонга бўйсунмай, Чувринди билан Асадбекка содиқ бўлгани учун ҳам бу дунёда яшаб юриш ҳуқуқидан маҳрум этилган эди.

Кесакполвон шу ҳукмни ижро этмоқ фурсати етди, деган тўхтамга келди. Ҳалимжон билан Хумкаллани бир-бировига қайраб қўйса бас, қайсиниси ақллироқ бўлса яна уч-тўрт кунча тирик қолади. Кейин эса ўзи ҳам қурбонининг изидан етиб боради.

Кесакполвон бундан ўзгача ният, ўзгача режа қилиши мумкин эмасди.

Идоранинг янги раҳбари хона ашёларининг ўрнини ўзгартиради. Бу барчанинг кўз ўнгидаги зоҳирий иши. Ботиний иши эса ходимларнинг маълум қисмини ҳайдаб, улар ўрнига ўзига садоқатли одамларни тўплашдан иборат бўлади. Кесакполвон зоҳирий ишларга муҳтож эмасди, шу боис ботиний юмушларни ҳали тахтга ўтирмаёқ бошлаб юбораётган эди. Шайтанат оламининг ўзга дунёдан фарқи ҳам шунда: саройга ёлғиз эмас, ишончли аёнлар билан бирга кириб борилади. Даҳлизга тўшалмиш чиройли энсиз гиламни эмас, мурдалар кўкси босиб ўтилади. Биринчи бўлиб Чувриндининг мурдасини босиб ўтган Кесакполвон ҳушини тахт жилваси ўғирлаган эди. Бу жилва фоҳишанинг ишваси каби алдамчи экани, олам яралганидан бери тахт ҳеч кимга вафо қилмаганини фаҳм этмоққа у қодир эмасди.

У бироз ўйлангач, режаси хом туюлиб, ундан воз кечди. Ҳалимжон хоин бўлса ҳам Асадбек қўнжида тура тургани маъқул, деб фикр қилди. Ундан ташқари «қутурган ит олдидаги суякни тортиб олишга уриниш хавфли» деган тўхтам ўзига маъқул келди.

Ҳали бир ўрин совумай туриб, иккинчи тўшакни етим қолдирмоқни қасд қилган Кесакполвон бу ерга нима учун келганини ҳам унутган эди. Кўзи фотиҳага келаётганлар томонга қадалган бўлса-да, хаёли Хумкалланинг калласини олиш муаммоси билан банд эди. Бировни беаёв уриб роҳатланувчи Кесакполвон кўп йиллардан бери ўзи одам ўлдирмасди. Бу «қора иш»ни мулозимлари рисоладагидай бажарар эдилар. Масаланинг мушкул томони шундаки, улар бегоналарнинг ёки рақибларнинг жонларини роҳатланиб суғурар эдилар. Ўз шерикларининг юрагини ҳам шундайин роҳат ила суғура оладиларми ё йўқми — Кесакполвон учун айнан шуниси қоронғу эди.

Фотиҳа ўқиб чиқаётганлар орасида Қозини кўрган Кесакполвон машинаси эшигини қия очди. Тўдадан ажраб машина сари юра бошлаган Қози қадамини илдамлатди. Эшикдан бош суқиб салом бергач, хожасининг «ўтир!» деган амрига итоат этди — чаққонлик билан машинанинг орқа томонидан айланиб ўтиб, Кесакполвоннинг ёнига ўтирди.

«Йўқол!» деб ҳайдалганидан кўнгли ғашланган, машина томон дамба-дам қараб қўяётган Хумкалла бу манзарани кўриб жойида пича қотди, киприк қоқмаган ҳолда машина томон тикилди. Безовта кўнгли уни алдамаётган эди. Чиндан ҳам бу онда унинг тақдири ҳал этилаётганди.

Кесакполвон мулозимидан ҳол-аҳвол сўраш ўрнига пиёлага коняк қуйиб узатди:
— Ма, исиниб ол.

Қози совқотмаган бўлса ҳам, хожасининг бу марҳаматидан мамнун бўлган ҳолда пиёлани бир кўтаришда бўшатди-да, лабини ялаб қўйиб, эгасига термулган ит каби қараб турди.
— Хумкаллани кўрдингми? — деб сўради Кесакполвон.

Қози бу тагдор савол замирида қандай маъно яширинганини англамай «Ҳа»деб қўйди.
— Шу бола менга ёқмаяпти, — деди Кесакполвон.— Одам десанг одамга ўхшамайди, маймун десанг маймунга ўхшамайди. Бу хумдай каллани кўтариб юраверишдан гавдаси эзилиб кетди. Гавдасига раҳм қилсакмикин?

Хожасининг мақсадини уққан Қози жавобни ҳаяллатмади:
— Савоб бўларди.
— Савобнинг додахўжаси дегин! Хумкалла акахонига жа-а садоқатли эди-а? Жа-а куйиб, эзилиб кетди-ку, бояқиш. Шу бугундан кечикмай борсин ёнига, акахони зерикиб қолмасин.
— Машина уриб кетсинми ё поезд-моезд босиб олсинми?
— Изи қолмасин. Лекин мозорга тиқма, хитлар айланиб юришибди.
— Гап йўқ, йўлини қиламан.

Қози шундай дейиши билан Кесакполвон уни ёқасидан олди:
— Иси чиқмасин, буни фақат сену мен биламан. Агар сал нари-бери бўлса орқасидан ўзинг ҳам жўнайсан, — Кесакполвон шундай деб уни бир-икки силкиди, сўнг ёқасини бўшатмаган ҳолда, аммо мулойимроқ оҳангда қўшиб қўйди: — Чойхонани ўзинг ишонган болага топшир. Энди менинг ёнимда сен юрасан.

Қози мансаб пиллапоясидан кўтарилиб, ноиблик даражасига етгани, бу мартабанинг баҳоси Хумкалланинг жони эканини англади-ю, хожасига қуллуқ қилди.

II боб

1

Бу дунёда иблис етовида юрувчи одамлар бор экан, прокуратура терговчиси ишсиз қолмайди. Бир учи Асадбекка бориб тақаладиган чигал ишларни ечиш машаққатидан расман озод этилган, аммо норасмий равишда кузатувларини давом эттираётган Зоҳид Шарипов яқин орада прокуратурадаги хонасини тарк этажагини ҳали билмас эди.

Борлиқни шом қоронғулиги ютиб, идорадаги расмий иш вақти тугаган онда Зоҳидни прокурор йўқлади. Бу ердаги иш вақтига «расмий» деб нисбат беришимиз бежиз эмас. Чунки бу идорадаги иш ҳажмини ҳам, иш вақтини ҳам белгилаб бўлмайди. Баъзан тунлар тонг-ларга уланишини, баъзан бир неча кунлаб уйга бориб келишга ҳам имкон бўлмаслигини ҳамма ҳам билавермайди. Идорада ишловчилар эса «иш вақти тугадими?» деб соатларига қарамайдилар.

Зоҳид бу соҳанинг машаққатларига милитсияда ишлаб юрган кезлариёқ одатланиб кетган. Шу боис бошлиқнинг кечки йўқловидан ажабланмади. Шаҳар прокурори ҳам соҳада бошланган янгиликлар, ўзгаришларнинг натижаси ўлароқ бу идорага қўйилган эди. Озодалик билан тартибни хуш кўрувчи прокурор ҳақида Зоҳид ёмон гап эшитмаган эди. Зоҳидни фақат бир нарса ажаблантирарди: тартибни хушловчи прокурор идорасидаги айрим ходимларнинг ғирром ўйин юритишларидан хабардормикин? Зоҳид прокурор билан асосан мажлисларда кўришарди, юзма-юз ҳолда гаплашиш шарафига ҳали муяссар бўлмаган эди.

Зоҳид хонага кирганида прокурор ниманидир ўқиб ўтирарди. У бош кўтариб «келинг, ўтиринг», деб қўйди-да, ўқишни давом эттирди. Зоҳид саломининг жавобсиз қолганидан, бундай совуқ тарздаги муомаладан бир оз оғринди. Прокурор қўлидаги «Иш»ни охиригача ўқиб тугатмагунига қадар бошини кўтармади. Ўн беш дақиқа шу зайлда, совуқ сукут ҳукмида ўтди. Прокурор сўнгги саҳифани ўқиб бўлгач, «Иш»ни ёпди-да, совуб қолган қаҳвадан бир ҳўплади. Кейин Зоҳидни ажаблантирган ҳолда ўрнидан туриб у билан кўришди. Сўнг ҳозиргина ўқиб тугатган «Иш»ни Зоҳидга узатди:
— Бу ишни ўзимиз юритмасак бўлмайди. Милитсия аччиқ ичакдек чўзиб юборди. Ишни чўзган улару гапни мен эшитаман. Диққат билан ўқиб чиқинг. «Иш» ниҳоятда чигал. Гумондаги икки киши саккиз ойдан бери ўтирибди. «Угро»да ишлаганингиз учун бу «Иш»ни сизга ишоняпман. Тезлатинг, аммо... шошилманг. Тушундингиз-а? Бу «Иш»га тегишли ҳамма масалани фақат мен билан бирга ечасиз.

Прокурор шундай дегач, яна ўрнидан турди-да, ҳам муваффақият тилаш, ҳам хайрлашиш мақсадида қўл узатди.

Зоҳид хонасига қайтиб, «Иш»ни варақлади. Саккиз ой муқаддам йўқолган бетон заводи директорининг мурдаси Бўзсув тўғонидан топилганини эшитган эди. Бетон заводи директори Мавлон Шокаримов вино заводи бошқони Қилич Сулаймонов каби шаҳарга донг таратган бўлмаса-да, бекорга ўлдирилмагани аниқ эди. Шокаримов бирон кишининг шахсий ғарази қурбони бўлгани ё тасодиф билан ўлганми ёки бирон тўданинг ғашига тегиб қўйганми? Тўданинг... Қайси тўданинг? Дастлабки саволлар гирдоби Зоҳидни ўзига торта бошлади. «Қотил» деб эмас, «Қотилликка даҳлдор», деб қамоққа олинганлардан бири Шокаримовнинг ҳайдовчиси Эшпўлатов, иккинчиси эса ўйнаши Зарипова эди. Шокаримовнинг уйи шаҳардан йигирма беш чақирим нарида экан. Шаҳарнинг кунботар томонидаги янги уйда ўйнаши яшаган. Эшпўлатов хўжайинини охирги марта шу уйга олиб борган. Авваллари ярим кечагача бўлса ҳам шу ерда кутган экан. Охирги сафар Шокаримов унга «Сен кетавер, эрталаб шу ерга келасан», деган. Эшпўлатов айтилган вақтда келган, бир соат кутган. Сўнг юқорига кўтарилиб, эшик қўнғироғини босган. Зарипова эшикни дарров очмаган. «Аканг кеча келмаганлар» дегану эшикни ёпган. Эшпўлатов ичкарида бир эркакни кўрган. Ҳайрон бўлиб заводга борган. Хўжайин йўқ. Уйга борган — хўжайин йўқ. Кечгача заводда кутган. Кейин уйига бориб хабар берган. Зарипова аввалига «ҳеч қанақа Шокаримовни танимайман», деб ўйнашидан тонган. Кейин «баъзи-баъзида келиб турардилар, аммо орамизда ҳеч гап бўлмаган, ўша куни келмаганлар», деган. Эрталаб уйида эркак борлигини ҳам рад этган. Терговчи ҳам бу далилга нечундир эътиборсиз қараган.

«Демак, машинадан тушган, йўлакка кирган, уйга эса чиқмаган. Йўлакда биров кутиб турганми, йўлакда ўлдирганми?» Зоҳид саккиз ой мобайнида ечилмаган масалага бир онда ойдинлик кирита олмас эди. Уни чулғаётган саволлар милитсия ходимларини ҳам гангитган, масаланинг турли ечимларини излаб кўришган, аммо боши берк кўчада тентирашдан ўзга чорани топа олишмаган эди.

Хуфтон қоронғулиги ҳукми остидаги совуқ шамол дераза тирқишларидан беманзират кириб турган дамда Зоҳид «Иш»ни учинчи марта ўқиб ўтирган эди. Шаҳар милитсияси терговчисининг айби ёки лоқайдлиги туфайли йўл қўйилган хатони аниқлай олмади. Зоҳид «Иш»ни олиб борган терговчини танир эди. Маёр Солиев билан кўп йиллардан бери ҳамкорликда хизмат қилувчи бу тажрибали терговчи уддасидан чиқолмаган ишни Зоҳид эплай олармикин?

Уйга қайтаётган Зоҳидни шу савол ҳам ўйлантирди. Тонгда идорасига ўтмай, ишни шу терговчи билан гаплашишдан бошлашга қарор қилди.

Шаҳар ички ишлар бошқармасида қандайдир бесаранжомлик мавжудлигини Зоҳид навбатчи хонасига кирганидаёқ сезди.

Зоҳид аввалига маёр Солиевни сўради. Навбатчи қисқагина қилиб «йўқлар» деди-ю, «бошқа нарса сўраманг», дегандай юзини бурди. Зоҳидга керак бўлган маёр Илёсов ҳам йўқ эди. Ичкарига ўтмоқчи бўлган Зоҳидни навбатчи тўхтатиб «ака, кирганингизнинг фойдаси йўқ, ҳозир ҳамма темир йўл бекатида», — деди.

«Нимага?» деб сўрашнинг ҳожати йўқ эди. Ҳамма бекатдами, демак, фавқулодда ходиса рўй берган. Айтиш мумкин бўлмаган сирни айтиб қўйган навбатчи энди Зоҳидга чўчинқираб қараб турарди. Унинг аҳволини сезган Зоҳид «Хавотир олма, мен ҳеч нимани эшитмадим», деди-ю, изига қайтди.

У дастлаб ишхонасига бормоқчи эди. Лекин қандайдир куч уни бекат сари ундайверди. У ғайритабиий бу кучга бўйсуниб, йўловчи машинага қўл кўтарди.

Бекатнинг асосий биноси ўраб олинган, тамошаталаб одамларнинг яқинлашишига йўл беришмаётган эди. Зоҳид биринчи ҳалқадаги соқчи йигитларга ўзини танитиб ўтди-ю, иккинчисида тўхтатилди. Гувоҳномасини кўрсатиб, «ака, катталарингиз ичкарида, сизнинг киришингизга ҳожат йўқ», деган жавобни олди. Нима қиларини билмай, атрофига аланглади-ю, ер ости йўлагига олиб тушувчи зинапоя яқинида турган маёр Илёсовни кўриб, ўша томон юрди.

2

Шокаримов ўлимига доир «Иш»ни Зоҳид иккинчи марта ўқиётганида маёр Солиев уйга кетишга отланаётган эди. Шоҳ бекатдан узатилган хавотирли хабар темир жавонга қўйилган қуролни қайта қўлга олишга мажбур этди. Уфадаги қамоқхонадан «Қассоб» лақабли жиноятчи қочганини улар эшитишган, аммо тез орада бу ерда пайдо бўлиб қолишини кутишмаган эди. Қамалмасидан илгари «Қассоб» қайси шаҳарларда яшаган, «ов» қилган бўлса, ўша ерларда пистирмалар қўйилиб, пойланаётган эди. Биз «жиноятчи» деб атовчи одамларнинг айримларида бўрининг сезгирлиги бўлади. Тузоқ қаерга қўйилганини олдиндан фаҳмлайди-ю, пистирмадагиларни доғда қолдиради. «Қассоб» шу тоифадан эди. Адашиб кириб қолган пашша ҳам изига йўл топа олмай қоладиган қамоқхонадан қочиб қутилишга ақли етган одамнинг пистирмалар қўйилганини англамаслиги мумкин ҳам эмасди. У ўзи бўлган шаҳарларни айланиб ўтди-ю, аср чоғида шу бекатда поезддан тушди. «Қассоб» пистирмаларни айланиб ўтди-ю, аммо тақдир ёзуғини чалкаштира олмади. Ўн етти жувоннинг гўштини еб, отувга ҳукм этилган, жазодан қутулдим, деб эркин нафас олаётган «Қассоб» суратлари бу ерларга ҳам етиб келганини фаҳмласа-да, «кўпчилик орасида биров мени танимайди», деб ўйларди. Хизматга яқиндагина кирган милитсионер йигит расмини икки соатгина бурун қўлида ушлаб турганини, «ростданам ўн етти хотиннинг гўштини еганмикин?» деб ўйланганини эса билмас эди. Милиса йигит ҳам суратдаги одамхўрга икки соатдан сўнг бекатда рўпара келарман, деб ўйламаганди.

«Қассоб»нинг олазарак кўзлари дастлаб хатардан огоҳ этувчи ҳеч қандай ҳаракатни илғамади. Шундай бўлса-да, бекат биносини тарк этиб кўчага чиқишга шошилмади. Юкхонага тушиб сумкасини қўйди. Сўнг ҳожати бўлмаса-да, чиптахонадаги турнақатор навбатда турди. Унинг фикрича, пистирма қўйилган бўлса, кўчада, одам сийракроқ ерда қўлга олишга уринишади. Одам кўп ерда отишма бўлишидан қўрқишади. «Қассоб» шу сабабли ҳам ташқарига чиқишга шошилмади. Унинг йўл қўйган хатоси ҳам айнан шунда эди: шошқич чақирувга биноан ёрдамчи кучларнинг етиб келишига ўзи шароит яратиб берди. Хатосини тушунганда эса кечиккан эди. Чиптахонадан чиқиб ўзини гавжумроқ тўдага урганда икки кураги ўртасига тўппонча тиралиб, «Қимирлама, қўлингни кўтар!» деган буйруқ янгради. У амрга итоат этди: қўлларини кўтарди-ю, бошини буриб орқасига қаради. Иккинчи қаватда туриб «Қассоб»нинг ҳаракатларини кузатаётган маёр Солиев шошқалоқ йигитнинг ўзбошимчалигидан ғазабланди. «Қассоб»нинг орқасига ўгирилиб қараши эса зулм вулқони отилажагидан уни огоҳ этди. У беихтиёр равишда тўппончасини яланғочлаб югурди. «Қассоб»ни ўзим кўрдим, ўзим ушлайман», деган нияти амалга ошай деб турган йигит юқорига кўтарилган қўллардан бирининг қандай қилиб айлаганича гарданига урилганини сезмай ҳам қолди. Тўппонча ушлашга кўникмаган титроқ бармоқлари тепкини босишга ҳам улгурмади. «Қассоб» эса тўппончани унинг қўлидан тортиб олишга ҳам, тепкини босишга ҳам улгурди. Шу оннинг ўзида қочмоққа шайланган болалик аёлнинг сочларига чанг солиб тўхтатди-да, тўппончани чаккасига тираб:
— Қайт, қайтларинг! Бир қадам боссаларинг отаман! — деб таҳдид қилди.

Ҳам қўрқув, ҳам сочлари қаттиқ тортилганидан уйғонган оғриқ сабаб бўлиб, аёл бағрига босган боласини тушириб юборди. Бир ёшдан эндигина ошган гўдак оқ мармар устига тушиб чириллаб йиғлади. Пешонасида қон кўринди. Аёл талвасага тушиб типирчилай бошлаганида «Қассоб» унинг бошига тўппонча дастаси билан қаттиқ урди-да, иккинчи қўлини унинг бўйнидан айлантириб бўғиб олди. Аёлнинг хушсиз гавдаси осилиб қолди. Талвасага тушган одамлар ўзларини турли томонга уриб паноҳ изладилар. Шу топда ҳамманинг жони ўзига ширин эди. «Бировни туртиб юборарман, биров йиқилиб майиб бўлар», деган ўй ҳеч кимнинг хаёлига келмас эди. Пешонасидан қон оқаётган гўдакнинг чириллаши ҳам бировнинг қулоғига кирмасди.

Ҳамма ўлимдан қочарди. Бугун бўлмаса қачондир ўлим шаробини тотишларини билсалар ҳам қочардилар.

Бу онда «Қассоб»га бошқаларга нисбатан Солиев яқин келиб қолган эди.
— Аёлни қўйиб юбор! — деб бақирди у тўппонча ўқталганича.
— Қайт! Тўппончани ташла, бўлмаса отаман! — деб бақирди «Қассоб».

Маёр Солиев бир нафас иккиланди, сўнг юмшоқроқ тарзда гапирди:
— Яхши, ташлайман, аёлни қўйиб юбор. Болага қарасанг-чи!
— Боласига ўзинг қарайвер. Қуролингни ташламасанг иккаласи ҳам ўлади.
— Яхши, — Солиев шундай деб тўппончасини қўлтиғи остидаги ғилофга солмоқчи бўлди.
— Ерга қўй, — деб буюрди Тўнғиз. — Шерикла-рингга айт, тўппончаларини жойига солиб, четга чиқишсин. Билиб қўйларинг, сенларнинг ўқинг жонимни олгунича тепкини босишга улгураман.

Солиев тўппончани ерга қўйди-да, атрофга қараб олди. Бу қарашдаги маънони англаган йигитлар тўппончаларини ғилофга солдилар.
— Агар бу товуққа раҳминг келаётган бўлса, майли уни қўйиб юбораман, аммо ўрнига ўзинг келасан. Розимисан?
— Йўқ, борманг, — деди йигитлардан бири.

Солиев бир қўлини кўтариб «жим» деган ишора қилди.
— Фойдаси йўқ бу қилган ишингнинг. Ҳамма ёқ ўраб олинган. Барибир қочолмайсан.
— Сен менга ақл ўргатма. Бешгача санайман. Менга барибир, мен ўлимга ҳукм қилинган одамман. Бир... икки...

«Қассоб» қуруқ таҳдид қилмаётган эди. Ўлимидан олдин ҳам икки жонни баҳридан ўта олишга қодир эди. Солиев қонга беланиб ётган милитсионер йигитга қараб олди, назарида у ҳали тирик эди. Пешонасидан қон оқаётган гўдак ҳам нажот тилаганича унга қараб йиғлаётгандай бўлди. «Қассоб» эса санарди: тўрт... Яна бир сониядан сўнг бу боши бузуқнинг тепкини босиб юборишидан ҳеч нима қайтаролмаслиги мумкин.
— Розиман, қўйиб юбор уни, — деди Солиев олдингга бир қадам босиб.
— Тўхта, сен аввал иккита кишан ол, — деб буюрди «Қассоб».
— Иккита кишанни нима қиласан?
— Ишинг бўлмасин, айтганимни қил!

Солиев чўнтагидан бир кишан чиқариб, орқасига қаради. Йигитлардан бири унга иккинчи кишанни узатгач, «Қассоб» томон юрди. Тўрт қадам қолганда «Қассоб»:
— Тўхта! — деб буюрди. — Қўлларингни кишанла!

Буйруқ адо этилгач, Солиев яна икки қадам босди.
— Энди ўнг билагингга кишаннинг бир ҳалқасини сол, — деб буюрди «Қассоб». Бу буйруқ ҳам сўзсиз бажарилди.
— Орқангга ўгирилиб, икки қадам тисарил.

Солиевга «Қассоб»нинг мақсади аён бўлган эди. Унинг хаёли ҳозир «Қассоб»ни ушлашда эмас, азобланаётган гўдакнинг ҳушсиз онаси билан қонга беланган йигитни қутқаришда эди. Шу боис буйруқларга сўзсиз итоат этаётган эди. Унинг мақсадини англамаётган йигитлар эса отишга шай туришарди. Солиев орқасига ўгирилган дамда уларга бир қараб олиб «зинҳор ота кўрманглар» деб нигоҳи билан ишора қилди.
— Тўхта! — Солиевнинг гарданига «Қассоб»нинг сассиқ нафаси урилди.

Уч сониянинг ўзида кишаннинг бир ҳалқаси «Қассоб»нинг чап билагига илинди, аёл қўйиб юборилди. Шунда Солиев чаккасига тўппонча тиралишини кутган эди. Аммо кутгани содир бўлмади. Шу нуқтага тикилиб турган ўнлаб кўзлар учун ҳеч бир кутилмаганда тўппонча қўйин чўнтакка солинди, ўрнига эса панжалари «лимончик» деб эркалаб аталувчи, ўсмирнинг муштумидек келадиган бужир бомбани олди. «Қассоб» бомбани эҳтиёт ҳалқачасини тишлари билан узиб ташлади-да, уни Солиевнинг кўкрагига босди:
— Қани энди отларинг, хунасалар! Ҳа, отмайсанларми! — деди у ҳансираб.
— Бақирма, нега ўкирасан? — деди Солиев хотиржам оҳангда. Бу хотиржамлик, талвасадан йироқлик «Қассоб»ни бир оз ажаблантирди. Солиевнинг аҳволидаги бошқа одам қўрқмаган тақдирда ҳам асабийлашмоғи лозим эди.

Дастлабки ўлжаси — ҳушсиз аёл ва йигит мурдасидан ўн қадамлар узоқлашгач, Солиев:
— Аёл билан болага қарашсин, — деди.
— Қарашсин, — деди «Қассоб» марҳаматли жаноб овозида. Сўнг амр этди: — Хўжайинингни чақир, талабим бор.
— Хайруллинни чақиринглар, — деди Солиев баланд овозда.

Йигитлар орасидан калта чарм палто кийган одам ажралиб чиқди.
— Сен кимсан? — деб сўради «Қассоб» ундан.
— Угро бошлиғиман, — деди Хайруллин деганлари.
— Мен сенга хўжайинни чақир, дедим! — «Қассоб» шундай деб тиззаси билан Солиевнинг орқасига теп-ди. — Бунингни мен этигимга патак ҳам қилмайман.
— Бу ерда ундан каттаси йўқ. Сен айтавер, у каттамизга етказади.
— Каттангга бориб айт: менга битта самолёт билан бир миллион пул керак.

Хайруллин Солиев билан кўз уриштириб олди-да, «хўп» деганича орқасига чекинди.
— Бир соатда ҳал бўлмаса, шеригинг ўлади! — деб бақирди «Қассоб».
— «Ўламиз» дегин. Энди ёлғиз ўлиш йўқ.
— Тўғри айтасан, ё бирга яшаймиз ё бирга ўламиз. Сен шерикларингдан умид қилма. Уларинг олифтагарчилик қилиб тўппонча ўқталганлари билан отишолмайди.
— Нега отишолмас экан?
— Отишга-ку, отишади, лекин тегиза олишмайди. Мен қанақа машқ қилишларингни билмас эканманми? Уч ойда учтагина ўқ отасанларми? Учта ўқ отиб мерган бўлган борми дунёда? Агар гапимга ишонмасанг, гаров ўйнайман: ҳозир сени қўйиб юбораману тўппончани чиқариб отишни бошлайман. Ана ўшанда кўрасан томошани: бу томондаги шерикларинг рўпарадагиларини отиб қўйишади. Камида беш-олтитанг жўнайсан ашулаларингни айт-иб.
— Бошқача йўли ҳам бор, — деди Солиев. — Сен мени қўйиб юборасан, йигирма қадамдан гугурт чўпини қўйиб отишамиз.

«Қассоб» тиззаси билан яна тепди:
— Ё сен жиннисан ё мен аҳмоқман.
— Иккинчиси тўғри. Аҳмоқ бўлмасанг, самолёт сўрайсанми, пул сўрайсанми? Қаёққа учиб борасан?
— Нима ишинг бор, балки Исроилга учарман?
— Исроилга учасанми ё бошқа ёққами, ерга қўнишинг билан ушлашади-ю, «Петровка»даги акаларингга икки қўллаб топширишади. Сен сиёсатчи эмассан, сенга шафқат қилишмайди.
— Ўчир овозингни!

Ҳақ гап ҳеч кимга, ҳатто одамхўрга ҳам ёқмайди. Солиев тўғри гап учун учинчи марта орқадан тепки еди.

Қамоқдан қочган жиноятчини ушлаш — милитсиянинг оддий вазифаларидан бири. «Тезкор гуруҳ» деб аталган йигитлар «оддий вазифа»нинг бунақа якун томон бурилишини сира кутишмаганди. Булар-ку, ёш йигитлар, ҳатто Солиев ҳам кўп йиллик тажрибасида бундай ҳолга дуч келмаган эди. Бир милитсионернинг ўлдирилиши, зобитнинг гаровда ушлаб турилиши, жиноятчининг бомба билан таҳдид қилиши бир неча дақиқа ичида катта-кичик идораларга маълум бўлди. Аввал ўринбосарлар келишиб «Қассоб» билан музокара юритмоқчи бўлишди. Сўнг вазиятнинг нақадар жиддийлиги инобатга олиниб, катталарга хабар берилди. Катталарнинг ҳам самолёт билан пул ваъда қилмоқдан ўзга чоралари йўқ эди. «Қассоб» аввалига яна бир соат кутишга кўнди. Сўнг қор ёғаётгани, самолёт учмаётгани туфайли яна кутадиган бўлди. Пулни эса бетўхтов келтирилишини талаб қилди.

Бу ўлим ҳалқасидан қутилиб кетишига «Қассоб»нинг ишончи йўқ эди. Самолётларда қочаётганларнинг қисмати, Солиев эслатмаса-да, унга маълум. Қамоқдан қочаётганида чет элдан паноҳ топиш нияти ҳам, режаси ҳам йўқ эди. «Энди тавбамга таяндим, бурнимга сув кирди, кўздан йироқроқ бирон овлоқда тинчгина яшайман», деган мақсаддан ҳам йироқ эди. Тошлардан тошларга урилиб оқувчи бебош ирмоқ суви каби қисматни аъло деб билган «Қассоб» яна қассобчилигини давом эттирмоқдан бошқа нарсани ўйламасди. Агар милитсионер йигитга дуч келиб қолмаганида бир неча кундан сўнг қайси бир лақма жувон гўштидан ўзи туккан чучварани еб роҳатланиб ўтирган бўларди.

Энди эса қўлидаги бомбани чангаллаганича нажот кутарди. Нажот қайдан келади — ўзи билмайди. Нажот билан биргаликда қайси бир туйнукдан ўқ отилиб чиқиб қаншарига санчилишини ҳам кутади. Талаб қилган самолёт билан миллион пул ўрнига мерган отган ўқ ҳадя этилмоғи мумкинлигининг ҳақиқатга яқинроқ эканини ҳам кўнгли сезади. «Бу фараон самолёт билан миллион пулга арзирмикин ўзи? Арзимаса нимани кутишяпти? Шартта отиб ташлаша қолишмайдими? — деб ўйлаган «Қассоб» мерган яшириниши мумкин бўлган томонларга жавдираб қарайди. Жон олишни хуш кўрувчи одам жон беришни истамайди. Нажот кутаётган бу одам ўзи учун энг яхши, энг мақбул нажот ана шу мерган отган ўқ эканини тан олгиси келмайди. Қўлидаги бомба эмас, гўё ўзининг юрагига ўхшайди. Панжасини очса тамом — юракдаги жон чиқади-ю, учади-кетади. Учиб бориб қўнар манзили ҳам аниқ — азоблар оташи. Зулмдан роҳатланувчи жон учун ўзгачароқ манзил йўқ.

Не ажабки, маёр Солиевга ҳам бу бомба айни дамда юракка ўхшаб кўриниб кетди. Бомба ихтирочиларининг қалтис ёки шум ҳазилимикин бу? Ҳозир неча жуфт кўз юракка ўхшовчи бу бомбага тикилиб турибди. Балки кўзга кўринмас Азроилнинг кўзлари ҳам шунга қадалгандир? Вақт-соати етганида унинг амри билан панжалар очилар, бомба портлар... Балки портламас... Балки Азроилга битта жон керакдир? Балки кимдир тирик қолар?..

«Ҳозир пул олиб келинади» деган ваъдадан сўнг жимлик ҳукмронлиги бошланган эди. Кутилмаганда зинапоя панжарасига суяниб турган йигитлар овозларини кўтариб баҳслашиб қолишди:
— Отиш керак,— деди бири,— битта ўқ билан ўлдирилса панжасини очишга улгурмаслиги ҳам мумкин.
— Бу ишончсиз, — деди иккинчиси, — ўқ отилиши билан бомба ушланган панжага маҳкам ёпишиши керак.

Солиев уларнинг мақсадини, нима демоқчи бўлишганини англади. «Қассоб» ўзбекчани тушунмаса ҳам кўнгли бир шумликни сезиб:
— Жим бўлларинг! — деб бақирди.

Солиев эса аста бош чайқаб, шерикларига «отманг-лар» деган ишора қилди.
— Шерикларинг нима дейишди? — деб сўради «Қассоб».

Солиев «Қассоб»ни ҳайрон қолдириб тўғрисини айта қолди:
— Сени отиш керакми ё йўқми, деб тортишишяпти. Хўжайинларнинг сенга ён босаётганларидан норози бўлишяпти.

Солиев шундай дейишга деди-ю, «Қассоб»нинг вужудида тутаётган гумонга мой сепиб, ёндириб қўйганини англаб, тилини тишлади.

Самолёт билан пулнинг унишига ўзи ҳам унча ишонмаётган «Қассоб» атрофдагиларнинг ғимирлаб бошқа чора излашаётганига амин бўлди.

Оқу қорага, пасту баландга бўлинган бу дунёнинг ишлари қизиқ. Қочган ҳам Худо деркан, қувган ҳам. Қоранинг бағрида оққа қарши фитна ясалади, оқнинг бағрида қорани маҳв этмоқ режаси пишади. Атрофдагилар бомбани чангаллаб турганнинг ҳаёти якунини тезлаштиришни қанчалар хоҳлашса, буниси умрининг янада узайишини шунчалар истайди. Ҳар икки томоннинг ўз ҳақиқати, ўз адолати бор. Атрофдагиларнинг ҳақиқати шуки, суднинг ҳукми тўхтовсиз амалга оширилиши шарт. Ўзга чора бўлмоғи мумкин эмас.

Уфада унинг бўйнига тўққизта хотиннинг жони илинганида у яна саккизтасининг номини, ўлдирилган жойини айтиб берди. Бу саккизтасининг қотили сифатида саккизта одам аллақачон ҳукм қилиб юборилган эди. Уфада бу саккизтани «Иш»га тиркашни аввалига хоҳлашмади. Ёпиғлиқ қозоннинг ёпиғлиқ қолмоғини маъқул кўришди. «Қарға қарғанинг кўзини чўқимайди» деганларидек, Уфадагилар саккизта шаҳардаги ҳамкасбларининг шарманда бўлишларини исташмади. Саккизта беайб одамнинг азобланиши уларни мутлақо қизиқтирмади. «Қассоб» эса уларнинг тақдирини ўйлади, демоқ тўғри эмас. «Яна саккизтасининг гўштини еганман», деб ўжарлик қилиб туришига бошқа сабаб бор эди. Тўққизтага ҳам, ўн еттитага ҳам бир хил жазо бўлганидан кейин сал шов-шув билан, ўзининг қаричи билан ўлчаганда «мардлик» билан кетишни маъқул кўрди.

«Қассоб»нинг ўн етти аёл гўштидан чучвара тугиб егани ҳақиқат эди. Аммо ўлдирилганлар сони ўн етти эмас, ўн саккизта эди. Биринчи аёлни ўлдириб, гўштини емаган эди. Чунки унинг биринчи ўлжаси — ўзини туққан онаси эди.

У яшайдиган уй Сочи деб аталмиш гўзал шаҳарнинг денгиз қирғоғига яқин гўшасига жойлашган эди. Гўзал шаҳардаги боланинг ҳаёти гўзал бўлавермас экан. Баъзан ярим тунга қадар, баъзан тонгга қадар кўчаларда санқиб юришга мажбур бўларди. Кўчада қанча юриши бир хонадан иборат уйларидаги маишатнинг қанча давом этишига боғлиқ эди. Гўдаклик чоғларида ҳали эси кирмаган пайтларда «отам ким, отам қани?» деб кўп сўраган. Оқу қорани ажрата бошлагач эса «отамнинг кимлигини ўзи ҳам билмайди» деган тўхтамга келиб, бу саволларини бас қилди. Қўшни синфда ўқийдиган олтинсоч қиз унинг ўсмирлик юрагида муҳаббат деб аталмиш туйғуни уйғотганида ҳали онасига нисбатан нафрати тўлиб тошмаганди. Мактабни битириш кечаси юрак ютиб муҳаббат изҳор этганида олтинсоч малак лабини буриб «мени онангга шерик қилиб оласанми?» дегач, ақлини тамом йўқотди. У дамларда мактабни битирувчилар «Сочининг сурурли тонги» деб номланган байрамни нишонлашарди. Бўлғуси «Қассоб» байрамни рад этилган муҳаббатига мотам тутган ҳолда шампан виноси ичиш билан бошлаб, «сурурли» тонгни қонли бармоқларига тикилган ҳолда милитсия хонасида қаршилади. Йўқ, у куни онасини ўлдирмади. Онаси бағридаги эркакка пичоқ урди халос. Онасини қамоқдан қайтгач ўлдирди. У ҳукмни қамоқдалигида қабул қилган эди: «болалигимни ўғирлагани учун...» Ҳукм аёвсиз эди. Жиноятга оид қонунларда бемеҳр оналарга бундай жазо қўлланилмайди. Нари борса «оналик ҳуқуқидан» маҳрум этилади. Агар она гўдагини жисмонан маҳв этса, шубҳасиз, қамалади. Аммо ўзи дунёга келтирган боласининг болалигини ўғирласа, болалигини бўғиб ўлдирса — унга жазо йўқ. Шу боис онасига жазони «Қассоб»нинг ўзи ўйлаб топди, ўзи ҳукм қилди, ўзи ижро этди.

Бу ҳукм ва ижро ҳеч бир сўроқ қоғозларида қайд этилмаган. Умри фоҳишалик билан ўтган аёл жасадининг майда-майда бўлаклари ҳузурини шаҳар аҳлатхонасидаги итлар кўришди. Шубҳасизки, бу итлардан ҳеч ким «Сен бугун кимнинг гўштини единг?» деб сўрамайди...

Онасига доир воқеалар, ўсмирликнинг сурурли дамлари унинг учун олис ўтмиш бўлса-да, унутилган хотиралар эмасди. Унинг покизароқ кўнгил мулки шугина эди ва ундан бировнинг баҳраманд бўлишига йўл қўйилмасди. Уфадаги терговчига, суд раисига бу кўнгил мулки эшикларини очган тақдирда ҳам, биринчи қадамга ундаган, мажбур этган руҳий ҳолат барибир инобатга олинмас эди. «Ўзи яхши бола экан, муҳит мажбурлабди», деган фикр ёки тўхтам унинг жонини сақлаб қололмасди.

Ҳозирги чораси ҳам чўкаётган одамнинг хасга тирмашиши каби эканини фаҳмласа-да, чиқмаган жондан умиди бор эди.
— Менга қара, фараон, — деди «Қассоб» Солиевнинг орқасига енгил туртиб. — Шерикларинг сени сариқ чақага ҳам олмас экан. Ўлишинг тайин бўлиб қолди.
— Ўлишимиз, дегин.
— Ҳа, албатта бирга ўламиз.
— Худди эгизаклар каби, — Солиев шундай деб маҳзун тарзда кулимсиради. «Қассоб» бу аламли чеҳрани кўрмади. Шу нуқтага тикилганича ҳар қандай тасодифга шай турганларнинг айримлари илғашди-ю, аммо унинг нима сабабдан кулимсираганини фаҳмлашма-ди.
— Йўқ, фараон, — деди «Қассоб» юмшоқроқ оҳанг-да. — Эгизаклар уч-тўрт дақиқа фарқи билан туғилишади. Сен билан мен эсам бир нафасда ўламиз. Мен-ку барибир итдай отиб ташланадиган одамман. Ҳа, сенлар мени бир ҳайвон қаторида кўрсаларинг ҳам одамман. Қутурган итни отиб ташлаб қандай роҳатлансаларинг мени ҳам ўлдириб шундай ҳузурланасанлар. Фақат сенгина маза қила олмайсан. Тўғрими, алам қиляптими?
— Йўқ.
— Қулоққа лағмон илма.
— Бўладиган гапни айтяпман: ўлимдан қўрқмайман. Гап қачон ўлишда эмас, қандай ўлишда.
— Ҳа... ҳали шунақами? — «Қассоб» бир оз ўйга толди. Сўнг тиззаси билан яна тепди. — Мен билан бирга ўлишдан ҳазар қиляпсанми? Тақдиринг шу экан, фараон, чида. Сен менга ўхшаганлардан нафратланиб яшадинг. Мен эса сенга ўхшаганлардан нафратланиб яшадим. Мен қаерда туғилдиму қандай ҳаёт кечирдим? Мен бошқа олам эдим, сен бошқа дунё эдинг. Қара, тақдир мени шу ерларга ҳайдаб келиб, қўлларимизни боғлади. Демак, тақдиримиз бир экан. Сенга ўзингнинг йўлинг маъқул эди. Шу йўлингни тўғри деб билдинг. Менга эса ўзимнинг йўлим маъқул эди. Энди нима дейсан?
— Нима дердим, қўлларни боғлаб турган бу кишан сен айтган тақдир занжири эмас.

Солиев «Қассоб»нинг яшаган олами ҳақида, бу оламнинг фалсафаси ҳақида уч-тўрт оғиз гап айтмоқчи эди, аммо фикридан қайтиб, гапни шу тарзда қисқа қилиб қўя қолди. Умр бўйи балчиқ сувидан баҳра олган одамга булоқ сувининг афзаллигини гапиришдан не наф? Жарга қулаётган, ҳалокати аниқ бўлган кимсани «жарга яқинлашма», деб огоҳлантиришдан не наф?
— Фараон, сен Худога ишонасанми?

Кутилмаган саволга Солиев дарров жавоб бера олмади.
— Фараон, ўлиб қолдингми, жавоб бер, Худога ишонасанми?
— Ишонаман.
— Аҳмоқсан. Мен эса ишонмайман. Худога ишонсанг айт-чи, нима учун мени бунақа қилиб қўйди?
— Худога ишонмаганинг учун.
— Лақиллама, фараон, ишонган сен ҳам, ишонмаган мен ҳам бир хилда ўляпмиз-ку?
— Мен ҳали ўлаётганим йўқ.
— Ўляпсан... ўлиб бўлдинг, фараон. Фақат ўлимингни расмийлаштириш қолди. Жонинг ишонганинг Худонинг эмас, менинг қўлимда. Истасам ҳозир ўласан, хоҳласам эрталабгача яшайсан. Сен ўзингни яхши одам деб ҳисоблайсан-а? Мен эса сенинг назарингда энг ёвуз, энг тубан, энг ифлос одамман. Сен мени танимасанг ҳам шундай деб ҳисоблайсан. Чунки мен — одамхўрман. Сен шу маълумотга ишониб мени ўлдириш мақсадида бу ерга келган эдинг. Сендан олдин-роқ мен шеригингни отдим. Бунга ҳам мен айбдорманми? Йўқ, бир сўтакнинг қўлига тўппонча бериб қўйган сен айбдорсан. Мен ўзимни ҳимоя қилдим, уни ўлдирмасам ўзим ўлардим. Хотинни гаровга олмаганимда ўша заҳоти отардинг мени. Ўйлаб ҳам ўтирмай отардинг, а? Ахир сен у хотиннинг кимлигини билмайсан-ку? Балки у мендан ҳам баттардир? Балки у йигирмата эркакни авраб, тўшагига олиб киргандир, кейин ўлдириб, гўштини егандир? Сенлар мен ўлдирган хотинларга ачинасанлар, а? Кимлар эди улар, билмайсан-ку? Билмай туриб ачинаверасан. Ҳаммасининг эрлари бор эди, болалари бор эди. Эрлари бўла туриб мен билан ўйнашишди. Бузуқликлари учун эрлари ҳам индамайди, сенлар ҳам жазоламайсанлар. Эрига хиёнат қилиш жиноят эмасми? Жиноят. Одам ўлдиришдан ҳам баттар жиноят. Шунинг учун мен уларни жазоладим. Бу яхшилигим учун сенлар мени ўлимга ҳукм қилдинглар. Бу адолатдан эмас, фараон. Ҳозир сени қўйиб юборсам бошимга юзлаб ўқлар ёғилади. Баданимни илма-тешик қилиб ташлайсанлар. Менга биттагина ўқ кифоя қилишига ақлларинг етмайди. Фараон, нега жимсан? Менинг ҳақиқатим олдида Худойинг ҳам жим қолади. Сен «Худога ишонаман», дейсан. Лақиллама, фараон, сен Худога эмас, тўппончангга ишонасан. Сенинг Худойинг шу тўппонча, пайғамбаринг манави кишан. Ана, сенинг Худойинг ҳам, пайғамбаринг ҳам менга хизмат қиляпти. Додингни кимга айтасан?
— Биринчи марта қачон одам ўлдирган эдинг?
— Ҳа, фараон, бу сенга нима учун керак бўлиб қолди.
— Ўша пайтда қўлимга тушганингда уч-тўрт оғиз гап гапирар эдим. Энди фойдаси йўқ. Сенга қараб ўша пайтда ўқ узилган. Фақат юрагингга санчилиши қолди. Сен балки бугун қутулиб кетарсан, лекин билиб қўй, ўқ изига қайтмайди, сенга атаб узилганми, демак, адашмайди. Ҳукмни Уфадаги суд чиқарди, деяпсанми, бекор гап. Ўша биринчи қадамингда ўзингга ўзинг ҳукм ўқигансан. Ўқни ҳам ўзинг узгансан. Бошқалардан ўпкалама.
— Шундайми, у ҳолда ўлим мен учун нажот, сен учун эса фалокат, жазо экан. Бунга нима дейсан?
— Мен ўлимнинг шарпасини сезмаяпман.

«Қассоб» шунақами, «сезмасанг, сезиб ол», дегандай панжасидаги бомбани Солиевнинг кўкрагига қаттиқроқ босди. Ўзини ҳотиржам тутишга ҳаракат қилаётган Солиев шундан сўнг ўзини беҳол сезди. Йўқ, «ҳозир бомба портлар, танам қийма-қийма бўлиб кетар», деб қўрқмади. Хизмати юзасидан ҳамиша ўлим билан беркинмачоқ ўйнайдиган одамнинг енгил турткидан ваҳимага тушиши мумкин эмас. Алҳол, Солиев вужудидаги беҳоллик сабабини билмади. Бу сабабни кейинроқ, шифтга тикилиб ётган дамларда англайди.

Одам боласи туғилиб, дунёни кўрган онидан ўлим билан қувлашмачоқ ўйинини бошлайди. Ўлим қувлайди, одам боласи эса қочаверади. Кимдир бу ўйинда тез чарчайди, ўлим тезгина қувиб етади. Баъзилар эса узоқ, жуда узоқ қочади. Ҳатто ўлим тезроқ югура қолса эди, тезроқ менга ета қолса эди, деб нолалар қилади. Ҳатто югуриб ҳоригани учун секинроқ юра бошлайди. Не ғамки, шу онда ўлим ҳам югуришни бас қилади. Югура-югура чарчаган, ҳаётдан тўйган одам ўлим ета қолсайди, деган илинжда тўхтайди. Не қайғуки, ўлим ҳам тўхтайди. Чунки... қувлашмачоқ ўйинининг ниҳояси, оқибати қочаётганнинг ҳам, қувлаётганнинг ҳам ихтиёрида эмас. Ҳолиқи олам белгилаган вақт ва манзилга етилгунга қадар бу ўйин давом этаверади.

Солиевни қувиб келаётган сайёд — ўлим айни шу бекатда сайдига етиб келдими экан? Буни ёлғиз Яратган билади.

III боб

1

Учоқ бекаси Масков ўн икки даражали совуқ билан қаршилаётганини эълон қилиб, эҳтиёт камарларини боғлаган ҳолда қўнишга тайёргарлик кўришни илтимос қилди.

Ғилдираклар ерга дўқиллаб тегиб, учоқ силкинганида Манзура «Худога шукр», деб пичирлади. Уйига етиб олишига ҳали фурсат бўлса-да айрилиқ кунларининг тугаётгани унинг қалбини қувонч нури билан ёритди. Шунинг баробарида шодлик қуёши юзини ташвиш булути тўсишга уринди.

Чувриндининг ўлими ҳақидаги хабарни эшитгач, қайтиш ихтиёрини билдирди-ю, уйига қўнғироқ қилиб аҳдини эрига билдиришдан чўчиди. Ана шу дамларда Асадбекнинг ўзи қўнғироқ қилиб мушкулини бир оз енгиллаштирди. Одатдаги салом-аликдан сўнг Манзура юрак ютган ҳолда сўрамоқчи бўлди:
— Адаси, Маҳмуджонга...

Саволини охирига етказа олмай эрининг тўнг жавобини эшитди:
— Ишинг бўлмасин...

Дарвоқе, Манзура эрининг ҳаётига, ишларига аралашмоқ ҳуқуқидан маҳрум эканини унутибди. Асадбек, фақат у эмас, балки бошқа эркаклар ҳам «умр йўлдоши» деб аталгувчи хотинларининг чегарасини аниқ белгилаб қўйишади. Ҳалқадан иборат бу ҳудуд орасидагина аёллар эрларининг умрларига йўлдош бўлишлари мумкин, яъниким, тўшакда эрнинг кўнглини олиш, болалар туғиб бериш, фарзандларни тарбиялаш, эрнинг иссиқ-совуғидан хабардор бўлиб туриш ҳуқуқи уларга тўлалигича берилган. Бу ҳуқуқ ҳалқасидан бир қарич чиқиш ёки чиқишга уриниш, агар омадли бўлсалар сўкиш билан, шўрпешона бўлсалар калтак билан мукофотланади.

Ҳар бир аёл каби Манзура ҳам билиб-билмай баъзан чегара чизиқларига яқинлашиб қолади. Эрининг «ишинг бўлмасин», ёки «ақлинг етмайдиган ишларга аралашма» деб тўнғиллаши унга чегарада турган аскарнинг «Тўхта, отаман!» деган ҳайқириғидай эшитилиб, яланг оёғи билан чўғни босиб олган одам ҳолатида изига қайта қоларди. Асадбек сўнгги марта қўнғироқ қилганида ҳам ўз одатига содиқ қолди: саволининг ярмини ичига ютиб «ишинг бўлмасин», деган жавобдан қаноатлана қолди. Эри «Яна нима гапинг бор?» дегач, аҳдини айтишга қийналиб, бир зум тилдан қолди.
— Нима, ўлиб қолдингми? Гапир, гапинг бўлса! — деган амрдан сўнг тилига жон қайтгандай бўлди-ю, тутила-тутила мақсадини маълум қилди. Бу хабарни эшитган Асадбек жимиб қолди. Манзура вулқон отилишини кутган бечора ҳолида, бармоқларидаги қалтироқни ошкор қилмаслик учун гўшакни маҳкамроқ қисиб, қулоғига қаттиқроқ босди-да, рўпарасидаги ўғилларига нажот кўзлари билан боқди. Абдулҳамид онасидаги ўзгаришни сезиб «айбни бизга юклайверинг» деган маънода кўрсатгич бармоғини кўкрагига нуқиб қўйди.

Манзура кутган вулқон портламади, вазмин, дардли овоз эшитилди:
— Сени биров ҳайдадими?
— Йўқ, адаси, ўғилларингиз...
— Самадга бер.

Ўғлининг саломига совуқ тарзда алик олган Асадбек қачон учишларини сўраб, Масковга кутиб олувчи одам юборажагини айтишдан нарига ўтмади

Асадбек ўғилларига индамайди, заҳрини Манзурага сочади. Манзура ишончли қалқони билан ўзини ҳимоя қилишга ҳар он шай бўлса-да, эри отган заҳарли сўз тошлари бу қалқонни ёриб ўта олмаслигини яхши билса-да, барибир зириллаб туради. Никоҳ кечаси Асадбек чимилдиққа кириб келишидан сал олдин янгасининг «нима бўлсаям ҳамиша битта гапдан қолишни ўрган», деган ўгити бутун умр давомида унга ишончли қалқон сифатида хизмат қилди. Агар ҳар сафар битта гапдан қолганида биттадан гугурт чўпи ташлаб қўяверганидами шаҳарни чўп босиб кетиши аниқ эди. Эринмаган одам бу чўпларни темир йўли сингари териб чиқса Ер юзини неча бора айланар экан...

Эрга тегиб калтак емаганининг бир сабаби Асадбекнинг онаси тақдирини унутмагани бўлса, иккинчиси ана шу «бир гапдан қолиш» деб аталувчи қалқон ҳимоясида эканлиги эди.

Масковнинг музлаган ерига қадам қўйган Манзу-ра навбатдаги «бир гапдан қолиш» учун уйига ошиқарди.

Чегарачилар назоратидан ўтиб, божхона расм-русм-лари майдончасига ўтишганида Манзура тўсиқ орти- да турган Жамшидни кўрди-ю, тошдай қотди. Ҳатто киприклар ҳам ҳаракатдан қолдилар. Абдусамад жомадонлар билан овора эди. Акасига кўмаклашишга ҳозирланган Абдулҳамид онасидаги ўзгаришни сезиб, тўхтади. Онаси тикилиб турган томонга қараб Жамшидни кўрди-ю, жилмайганича қўлини ҳаволатиб, саломлашган бўлди.

Сўнг онасига:
— Жамшид акам келибдилар, ойи, — деди.
— Вой тавба, астағфируллоҳ! — деди Манзура пичирлаб.
— Ҳа, ойи? — деди ажабланган Абдулҳамид.
— Ростданам Жамшид акангми?
— Ҳа, танимадингизми?

Танимаганида бунчалик ҳолсизланмас эди. Бошқа аъёнларга нисбатан яқинроқ, суюмлироқ бўлган Жамшиднинг ўлимини Манзура ўғилларига айтмаганди. Ку-йиб, қовжираб, деярли кўмирга айланган жасад учун Чувриндининг уйида ўзи ўрин солганини, ғассол келгунига қадар она қаторида мурданинг ёнида ўтирганини, сўнгроқ эса Жамшиднинг ўлимини эшитган Зайнабнинг ўзини осганини айтганида Абдулҳамид бундай деб сўрамаган бўлар эди.

Ўғли таниди. Демак, тўсиқ ортидаги йигит — Жамшид. Унда Чувриндининг уйида кимнинг ўлигига ўрин солди? Ё тирилиб қайтдими бу йигит? Кўмирга айланганини кўрмаганида ҳам «тирилибди» деган гапга ишониши мумкин эди. Балки кўраётгани арвоҳдир? У ҳолда... ўғлига ҳам арвоҳ кўриндими?

Божхоначиларга жомадонларни очиб кўрсатаётган Абдусамад гап талашиб овозини баландлатгач, она-бола беихтиёр ўша томонга қарашди. Абдулҳамид «Сизлар шу ерда туринглар», деб келинлар билан Манзурани қолдириб, ўзи акаси томон юрди. Ўғилларининг гап талашаётганидан, божхоначиларнинг зарда қилаётганларидан хавотирланган Манзура келинларига «шу ерда жилманглар», деб фарзандларига яқинлашди. Ўрисчани дурустроқ билмагани сабабли нима воқеа юз берганини дарров англамади. Англамаса-да, ярим ўрисча, ярим ўзбекчалаб болаларини ҳимоя қила кетди. Гўштдор малла божхоначи «гражданка, сиз нари туринг» деб Манзуранинг билагидан ушлаганида Абдулҳамид қизишиб «Нега онамни туртасан!» деганича унинг қўлини силтаб тортди. Даҳанаки жанг Манзура келиши билан росмана олишувга айланиб кетай деди. Абдусамад укасини четга тортиб танбеҳ бераётганида Жамшид тўсиқ эшиги олдидаги соқчи йигит кафтига пул қистирди-да, шошганича йигитларга яқинлашди.
— Кеннайи, сиз келинларингизнинг ёнига бориб тура қолинг, — деди. Кейин Манзуранинг нари кетишини кутмай, Абдулҳамиднинг елкасини ушлаб силкитди: — Калланг борми, кимга осиляпсан?
— Ўзини кўрмайсизми?
— Ўчир, аҳмоқ!

Манзура жойига қайтгач, Жамшид ака-укаларни ҳам қолдириб божхоначилар билан ўзи гаплаша бошлади. Оқибат шу бўлдики, ўзи билан келган йигитга аёлларни топшириб меҳмонхонага жўнатди. Ака-укани эса юклари билан бирга милисахонага олиб кетдилар.

Улар билан изма-из етиб келган Жамшид милисахонанинг катталари билан тил топишга уринди. Божхонада тафтиш қайдномаси ёзилмагани учун бу ерда иш осон битар, деб ўйлаб янглишган эди. Милисахонада ҳам терговчи сўроқни бошламай ака-укаларни «изолятор» деб аталмиш вақтинчалик қамоққа қамади. Жамшид «Иш»нинг расмийлаштирилишига шошилишмаётганидан, гапларини бееътибор тинглашаётганидан бир шумликни сезди. Шу боис улар қаршисида кўпам эланмай, изига қайтди. Телеграфга кириб Бек акасига нохуш хабарни билдирди-да:
— Юкларидан қора дори чиққанмиш, — деб изоҳ берди.

Бу гапдан сўнг Асадбекдан бир неча сония садо чиқмади.
— Хонгирейга айтсаммикин? — деб сўради Жамшид.

Бу сафар жавоб ҳаялламади:
— Йўқ, — деди Асадбек бўғиқ овозда. — Сен аралашмай тур, ўзим етиб бораман.

Милисаларга гапи ўтмагач, Жамшид Хонгирейга учрашмоқни ўйлади-ю, аммо «Хонгирейнинг иши бўлса-чи, бу?» деган савол хаёлини бир ёритиб ўтди. «Агар бу ишда Хонгирейнинг қўли бўлса, гапимни сариқ чақага олмайди, Бек акамнинг оёқларига бош уриб келишларини хоҳлайди, деган фикр уни тўхтатди.

Жамшиддан совуқ хабарни эшитган Асадбек ҳам биринчи галда Хонгирейни эслади. Эслади-ю, мақсадини ҳам англади: энди оёқларига бош уриб боришдан ўзга чораси йўқ. Шу топгача эркакман, деб қаддини ғоз тутиб юрган Асадбек энди эгилишга мажбур. Бу қимор ўйинига анов-манов нарса эмас, ўғилларининг жонлари тикилган. Кўнгли шу хорликни сезарди. Сезгани учун ҳам уларнинг қайтишларини истамаётган эди.

Хожасига шумхабар етказган Жамшид «Бек акамнинг жаҳллари чиқди» деб ўйлади. У жаҳл эмас, нақ жоннинг ўзи чиқаёзганини фаҳмламади. Шумхабарни эшитган топда Асадбек бўлажак хорликни, таъзим қилиб бориб балчиққа булғанишини ўйламади. Йўқ, буни анча кейин ўйлайди. Ҳозир унинг кўзларига фақат болаларининг жони кўринди. «Болалар қамоқда» деган гап унга «болалар тобутда» дейилгандай эшитилиб, вужудига муз югурди. Жамшиднинг «гаплашдим, анча юмшатдим», дейиши ҳам бу музни эрита олмади. Ўзининг тезда етиб боражагини айтгач, «Кеннайингга индамай қўя қол», деди.

Ҳожаси огоҳлантирмаса ҳам Жамшид нима воқеа юз берганини янгасига айтмас эди. Ваҳима тўрига ўралиб йиғига банди бўлиб ўтирган аёлларга «аҳвол чатоқ, юкинглар орасидан анча қорадори чиқибди» де-йишининг оқибатини яхши биларди.

Манзура меҳмонхонага жойлашгунига қадар, юраги ёрилиб кетгудай даражада потирлаб ураётган бўлса-да, аламли йиғи бўғзидан бўғса-да, ўзини тутишга куч топди. Хонага кириб оромкурсига омонат ўтирди. Ўтирдию мушук панжасидаги онасига мўлтиллаб тикилаётган кабутар полопонлари ҳолидаги келинларининг кўзларига кўзи тушгач бошқа чидай олмади. Ювиниш хонасига ўтиб унсиз йиғлади. Қалбидан нидо вулқони портлаган бўлса ҳам овоз чиқармади. Унсиз йиғламоқ — унинг қисмати. Яратган унга шу азобни раво кўрган экан, дардини кимларга айтсин?

Ҳамма уни бахтли ҳисоблайди. Агар емоқ-ичмоқ, кийинмоқ, безанмоқ бахт ҳисобланса Манзурани энг бахтли аёллардан бири демоқ мумкин. Ўлчови, замони, макони бўлмаган бахт аталмиш тушунчага Манзуранинг ўзи ҳам тушунмайди.

Манзурани бахтли деб ҳисобловчилар, «шу аёлга насиб этганингдан менга ҳам бер», деб Тангрига тавалло қилғувчилар уни ҳозирги аҳволда бир кўрсалар эди, «агар бахт шу бўлса бахтсизлиги қандай экан?» деган муаммога жавоб топа олмай яна Яратганга юзланар ва бу аёлга ўхшатиб қўймаслигини сўрар эдилар.

Манзуранинг қорни тўқ, усти бут бўлиши баробарида ташвиш сандиғи ҳам тўла эди. У таниш-нотаниш одамлар оғзидан баъзан тўғри, баъзан миш-мишларни эшитиб қолганида «бундан кўра қимор ўйнаб юрганлари маъқул эди», деб қўярди. Қайтар дунё, деганларидек, бошқаларга раво кўрилган зулм фарзандларига қайтиши мумкинлигини ўйлаганда эса баданига муз югуриб «қимор ўйнаб, мени ютқизиб юборганлари минг марта афзал эди», деб қўярди. Дейишга дерди-ю, ке-йинроқ ношукрликка йўл қўйганини фаҳмлаб, тавба қиларди. Шу топгача хонадони бошига қора кунлар тушмагани балки шу тавбалар, дуолар туфайлидир? Шиддат билан бостириб келаётган қора кунлар сели қаршисида энди унинг тавбалари, дуолари ожизлик қилиб қолгандир?

Ровийлар айтурларким, чўпон сурувни қайтаргач, совлиқларни соғиб, бир қултум сутга ҳам хиёнат қилмай, хўжасига бераркан. Хўжайин эса сутга сув қўшиб, пулларкан. Чўпон хўжасини ҳаромдан қайтармоқчи бўлганида даъвати эвазига орқасидан тепки ебди. Бир куни сурув ўтлаб юрганда қўққисдан сел келибди-ю, қўйларни суриб кетибди. Оқшомда сўппайиб қайтаётган чўпонини кўриб, хўжайин «Қўйлар қани?» деб сўрабди. «Сиз сутга қўшган сувлар йиғилиб селга айланди-ю, сурувни суриб кетди», дебди чўпон.

Ҳар қандай айбли ишлар, гуноҳ амаллар йиғиндисининг томчилардан вужудга келган кўл каби сел қудратига эга бўлишини ва бу қудрат жазо дарвозаларини очиб юборажагини кўп қатори Манзура ҳам билмасди. Қизи Зайнаб ўғирланган куни бу жазо дарвозасининг қия очилганини, энди эса баралла очила бораётганини у фикр қилиб кўрмади. Бошлари узра жазо шабадалари эса бошлаганда эр-хотин тавба билан саждага бош қўйганларида балки ибодатлари жазо сели йўлига тўғон бўла қолармиди, валлоҳи аълам?

Энди эса кеч.

Ёз чилласи ўрнини навбаҳор қайта эгаллай олмагани каби ғам-ташвиш булутларидан ёғила бошлаган алам дўлларига чора йўқ энди.

Манзура бугунги ҳолатдан эзилади. Юраги эса эртанинг аламларидан сўзламоқни истаб беҳаловат тепади. У эса тилсиз юрагининг фарёд билан айтаётган сўзларини англамайди.

Уларни кузатиб келиб, меҳмонхонага жойлаштирган йигит чақиртирган ресторан ходимлари дастурхон тузадилар. Манзуранинг ҳам, келинларининг ҳам томоқларидан овқат ёки бир тишлам нон тугул, бир қултум чой ҳам ўтмади.

Манзура келинларига нима деб изоҳ беришни ҳам, нима деб юпатишни ҳам билмас эди. Унинг ўзи шу топда бир дононинг изоҳига, бир меҳрибоннинг овутишига муҳтож эди. Муштарий қуйиб узатган чойни олишга олди-ю, кўнгил учун лабига ҳам олиб бормади. Кўзи келинларининг нигоҳлари билан тўқнашгач, шу болаларни туғиб катта айб иш қилиб қўйгандай бошини хам қилди.

Чўлпоной ҳам, Муштарий ҳам савол муҳрланган назарларига қайноналаридан жавоб талаб қилмаётган эдилар. Ота-оналарининг ҳикоялари орқали бу мамлакатни оч, ваҳший бўри кўринишида тасаввур этган, бир ҳавотир билан йўлга чиққан келинларнинг юраги қуш ҳадиги билан тепарди. Ота-оналари юртларига кимлар ҳукмрон эканликларини билиб турсалар-да, мамлакатдаги кейинги ўзгаришларга умид билан қараб, Асадбекнинг ўғилларини куёв қилмоқликка жазм этган эдилар.

Бўрилар ҳукмидаги ўрмонда қашқиру шоқоллар ҳам давр суришини улар ҳисобга олмаган эдилар. «Мубҳам у диёрда қандай яшаб кетаркинмиз?» деган ташвишдаги келинларга бу ҳодиса кутилмаган, ажабтовур туюлмади. Уларнинг юраклари қандайдир нохуш воқеанинг албатта содир бўлажагини сезган эди. Аммо «мамлакат тупроғига қадам қўйишга улгурмай эрларимиз ҳибсга олинарлар» деб ўйлашмаган эди. Яхшики улар Олмон полиси билан Москва милисаси орасида осмон билан ерча фарқ борлигини билишмайди. «Адвокатлар иштирокидаги савол-жавобдан сўнг ҳадемай чиқиб келишади» деган ўй уларни бир оз бўлса-да, хотиржамликда ушлаб турарди. Эрларининг зах ва совуқ, қоронғу ва бадбўй қамоқ хонасида қунишиб ўтиришганини билишсами, буни Манзура ҳам билсами, учовларининг азадор хотин ҳолатига тушмоқликлари аниқ эди. Юрт соғинчи билан умр кечираётган ота-оналарининг армонлари соясида улғайган қизлар никоҳдан сўнг танмаҳрамларидан ватанлари ҳақида эшитган нурли ҳикояларга бир ишониб, бир ишонмай сафарга отланишган эдилар. Абдусамад ҳам, Абдулҳамид ҳам уларни алдамаган эдилар. Улар Русия истилосида унсиз инграётган Ватан нолаларини эмас, қуёш нурида яшнаётган юрт табиатини мақтаган эдилар. Бунинг учун уларни ёлғончига чиқармоқ ноўриндир, чунки Ватанда туриб улар Ватан нолаларини эшитмас эдилар. Бу азобли ингроқни армонда яшаётганлар жон қулоқлари билан тинглаб, юракларидаги нолалари билан жўр бўлар эдилар. «Бедарднинг олдида бошимни оғритма», деганларидек тўкин дастурхон атрофида улғайган болаларнинг Ватан аламларидан воқиф бўлмоқликлари мумкин эмас эди. Абдусамад билан Чўлпонойни, Абдулҳамид билан Муштарийни бир-бирларига айнан шу тўкин дастурхон бирлаштириб турарди. Дунёни англамак, Ватан тақдирига куюнмак борасида уларнинг қалблари бошқа-бошқа эди. Шунинг баробаринда Асадбек билан Музаффархон, Манзура билан Гулузор бегим ҳам бу масалада ўзга-ўзга оламнинг фуқаролари эдилар.

2

Жамшид таксига ўтириб меҳмонхонага яқинлашганида хожасидан бир нарсани сўраб олмаганини фаҳмлаб, афсусланди. Шу боис меҳмонхона назоратчиси чўнтагига беш сўмликни қистириб ичкари ўтгач, юқорига кўтарилмай, телефон кўшклари томон юрди.

Асадбек аъёнининг овозини эшитиши билан хавотирланиб:
— Яна нима бўлди? — деб сўради.
— Кеннайимларни жўнатиб юбора қолсаммикин, деб сўрамоқчийдим...

Асадбек бу масалани Жамшид айтмасдан илгарироқ ҳал қилиб қўйган эди. Шу сабабли жавобни ҳаяллатмади:
— Тайёр турларинг, одам боради.

Жамшид еттинчи қаватга кўтарилиб, аёллар жойлашган хона эшиги олдидаги шеригига яқинлашди.
— Айтганингиздай чой-пой қилдим, — деди йигит Жамшиднинг савол назарига жавобан.
— Йиғи-сиғи қилишмаяптими?
— Йўқ.
— Битта-яримта кузатмаяптими, сезмадингми?
— Йўқ. Биров яқинлашмади.
— Ичкарида гап-сўз бўлмадими? — Жамшид шундай деб шифтга қараб олди. У овоз ёзиб олувчи ускуналар ўрнатилган бўлиши мумкин, деган гумонда шеригини аввалроқ огоҳлантирган эди. Йигит ҳозирги саволдан Жамшиднинг мақсадини англаб, «йўқ» деган маънода бош чайқади. Шундан сўнг Жамшид эшикни аста тақиллатиб, сўнг қия очди-да:
— Кеннайи, кирсам майлими? — деб сўради.

Қафасга солинган қушлар ҳолатидаги аёллар қия очилган эшикка нажот кўзлари билан қарашди. Жам-шиднинг ортидан Абдусамат билан Абдулҳамидни кўрмоқ илинжида термулдилар. Жамшид остона ҳатлаб ичкари кирганидан сўнг ҳам эшикдан кўзларини узмадилар. Манзура Жамшидга яқинлашиб, палтосининг ёқасини аста ушлади-да:
— Ўғилларим қани? — деб енгил силтади.
— Озгина қоғозбозлик ишлари бор экан, келиб қолишади, — деди Жамшид хотиржам тарзда.

Она қалби бу хотиржамлик пардаси ортида ёлғон яширинганини сезиб, Жамшиднинг кўзларига тикилди. Асадбекнинг баданни тешиб юборгудай ўткир нигоҳларига кўникиб қолган Жамшид учун бу маъсума кўзларнинг тикилиши нима экан? Жамшид худди ҳеч қандай воқеа юз бермагандай, ўғиллари ростдан ҳам ҳозир кириб келадигандай хотиржам тарзда қараб тураверди, ҳатто сал жилмайган ҳам бўлди.
— Тўғрисини айт, — деди Манзура титроқ овоз- да. — уларни... қўйиб юборишдими?

Манзура аслида «уларни қамашмадими?» деб сўрамоқчи эди. Аммо бу хунук сўзни тилга олишдан ирганиб «қўйиб юборишдими?» деб сўради. Жамшид Манзура тилидан учиши мумкин бўлган савол ўқларига жавоб-қалқонларини тайёрлаб қўйган эди.
— Кеннайи, болларни ушлашгани йўқ-ку? — Жамшид шундай деб мўлтиллаганча тикилиб турган келинларга қараб жилмайди. — Биз томонларда қоғозбозликни яхши кўришади. Битта ҳарф нотўғри тушса ҳам қитмирлик қилаверишади.
— Қорадоричи? — деди Манзура пастроқ овозда.
— Шунга ишондингизми? Божхонанинг томоғи қичишса шунақа қилиқ қилади. Нафсига уриб қўйдим, тинчишди. Агар ростданам қорадори бўлганида қоғозлар тўлдиришарди, ҳаммаёқни ваҳимага тўлдириб юборишарди. Битта ҳам қоғоз ёзишмади-ку, ўзингиз кўрдингиз-ку?

Манзура «алдамаяпсанми?» дегандай унга қараб тураверди, палтосининг ёқасини бўшатмади. Жамшид эса ўз онасини қучган меҳрибон ўғил каби Манзуранинг елкасига кафтини қўйди:
— Ҳозир ака билан гаплашдим, — деди суюнчилик хабари билдиргандай.
— Айтдингми, чақирдингми?

Бу савол унинг мўлжалида йўқ эди, шу сабабли бир оз гангиди. «Чақирдим, келадилар» деса ишнинг жиддийлиги сезилиб қолади. «Келмас эканлар», деса уйга қайтишганида бу ёлғони ҳам фош бўлади. Жамшид «Нима бўлганда ҳам уйга етиб боришаверишсинчи» деган фикрда:
— Акам кутяптилар. Аслида бир-икки кун Масковда айлантирай девдим...

Жамшиднинг гапи чала қолди. Манзура қўлини унинг ёқасидан олиб салгина чекинди-да:
— Ҳа, Масковиям жувонмарг бўлсин! — деди.

Бу гапдан Жамшид жонланди:
— Акам ҳам шундай дедилар. Ҳозир сизларни кузатиб қўяр эканман. Болалар билан ўзим изма-из етиб бораман.

Манзура «шундай қиламизми?» дегандай келинларига қараб олди-да, улардан жавоб кутмай қарорини айтди:
— Бирга кетамиз. Бир кун минг кун эмас, кутамиз.
— Билмадим... — Жамшид сиқувга олиб уларнинг ҳадикдаги юракларини янада эзмаслик учун сукут сақлади. Сўнг иложсиз одамнинг овози билан давом эт-ди: — Акам нима дер эканлар. Ҳозир одам келади.
— Ким?

Ким келишини Жамшиднинг ўзи ҳам билмас эди. Шу сабабли мужмал жавоб қилди:
— Акам шу ердаги яқинларига тайинлабдилар. Агар хоҳласангиз телефонни улай, акам билан ўзингиз гаплаша қолинг.

Жамшид Манзурани кўндириш учун атайин шундай деди. У янглишмади — мўлжални аниқ олди. Эри билан гаплашиш ҳақидаги таклифни Манзура ўйлаб ҳам ўтирмай рад қилди:
— Йўқ... керакмас.

Манзура хонага кириши билан уйга қўнғироқ қилишни ўйлаган эди. Аммо эрининг қаҳрли овозини эшитишдан чўчиди. «Бунга сен ўзинг айбдорсан!» деган ҳукмдан қўрқди. Ҳозир ҳам ана шу қўрқув тирноқлари орасида «йўқ» деб қайтиш ҳақидаги амрга бўйсунмоқдан ўзга чораси йўқлигини англади-ю, бу билан Жамшиднинг мушкулини енгил қилди.

Аёллар ҳузурида қоққан қозиқдек туриш Жамшидга малол келиб, даҳлизга чиқди. Қўшни хонадан жой олган бўлишларига қарамай, бу эшикдан узоқлашмаган ҳолда соқчи каби туришди. Уларни кузатиб қўйиши лозим бўлган одам ҳадеганда келавермагач, Жамшид тоқатсизланди. Хожасидан «Кимга айтгансиз, ким келади, ким кузатади?» деб сўраб олмаганди. Буларни сўрашга ҳаққи ҳам йўқ эди. Бек акаси лозим топса ўзи айтарди. Айтмадими, демак, Жамшид буларни билмаса ҳам бўлади. Айниқса телефонда ҳар қандай гап айтилавермаслигини Жамшид яхши билади. Билгани учун ҳам «шуни сўраб олмабман-да» деб афсусланмади. Жамшиднинг бетоқатлиги замирида «айтилган одам келадими ё йўқми?» деган ҳавотир йўқ эди. Хожаси ким билан-дир гаплашдими, кимгадир айтдими, демак, масала ҳал. Жамшид масаланинг тезроқ ҳал бўлишини, аёлларни тезроқ соғ-омон кузатиб, йигитлар ҳолидан хабар олиш учун милисахонага қайтишни истаётган эди.

Минг йиллик қари тошбақа сингари судралаётган вақт бетоқат юрагини сиқаётган дамда аёллар хонасидаги телефон жиринглади. Манзурага ҳам, келинларга ҳам телефоннинг бемаврид жиринги худди рўпараларида пинакка кетган бўғма илоннинг беҳос уйғониб, бош кўтаришидай туюлиб, чўчиб кетишди. Гўшакни кўтармоққа ҳеч бирлари журъат этишмади. Телефон тўртинчи марта жиринглаганда Жамшид эшикни тақиллатиб, кириб келди. Гўшакни қулоғига тутиб «алло» дейиши билан қўнғироқ қилган одам салом-аликсиз, муддаога кўча қолди: тезлик билан Домодедовога етиб боришлари лозимлигини тайинлади. Гап қисқа ва аниқ эди. Жамшид «хўп, яхши» дейишга ҳам улгурмай алоқа узилди.

Кўчага чиқишганда мижозга маҳтал бўш таксиларга ўтиришмади. Бироз кечикиброқ чиққан Жамшиднинг шериги худди бегона одамдай уларга эътибор бермасдан кўчанинг нариги бетига ўтиб кетди. Келинлар бўш машиналардан бирига ўтирмай изғиринда кутиб туришлари сабабини билмай ҳайрон эдилар. Манзура ҳам эҳтиёт чораси кўрилаётганини билмай, танишларнинг машинаси келса керак, деган ўйда турарди. Қарши томондан уч-тўрт бўш такси ўтгандан сўнг, йигит навбатдагисига қўл кўтарди. Манзура унинг машинага ўтирганини кўриб «иши бўлса бошқа ёққа кетаётгандир» деб ўйлади. Аммо орадан бир қанча муддат ўтгач, айни шу машина рўпараларида тўхтагандан сўнг Манзура йигитларнинг мақсадини тушунди. Олд ўриндиқдаги йигит ўрнига Жамшид ўтирди, аёллар орқадан жой олдилар. Жамшиднинг шериги бошқа машина тўхтатиб, изма-из юрди.

«Домодедово» деб аталмиш ҳаволанида уларни ҳеч ким кутиб олмади. Шундай бўлса-да, Жамшид қандайдир кўзлар таъқиб этаётганини ҳис қилди. Телефондаги топшириққа биноан патталарни расмийлаштирувчи иккинчи бўлимдаги олтинсоч жувонга ҳужжатларни узатди. Жувон бир ҳужжатга, бир унга қараб олди-ю, патта илинжида соатлаб мўлтиллаб турган йўловчиларга эътибор ҳам бермай ишга киришди.

Жамшид аёллар олдида, шериги сал орқароқда назоратчининг тўсиғидан ўтиб, учоққа чиқишди. Аёллар жойлашиб олишгач ҳам Жамшид йўловчиларга зимдан кўз ташлаб кузатиб турди. Учоқ бекаси «Сиз нега турибсиз, жойингиз қаерда?» дегач, Манзура билан хайр-лашиб, пастга тушди. Зинапоялар олиниб, учоқ учиш майдонига қараб юрганидан сўнггина изига қайтди. Йигитга «Сен Бек акамни кут», деб ўзи милисахонага кетди.

Учоқ булутлар оқими билан олишиб, титрай-титрай юқорига кўтарилгани сайин Манзуранинг юраги ҳам титраб-титраб, парча-парча бўлиб узилиб ерда қолаётгандай зириллайверди. Уйга қайтмоқ умидининг бу тарзда амалга ошаётганидан аламда бўлган она қалбининг хотиржам тепиши мумкин ҳам эмасди.

Ўлди деб юргани йигитнинг тирик ҳолда кўргандаги ажабланиши ҳам унутилди, уйга қайтгач амалга ошажак суюнчли орзу-ҳаваслар юзини эса қора булут тўсди...

...Дарвоза остонасидан то меҳмонхонага қадар оқ пояндоз тўшалган... Бошларига оқ ҳарир рўмол ташлаган келинлари қутлуғ қадамлари билан пояндозни босиб остона ҳатлайдилар. Ичкарига бир қадам қўядилару эгилиб салом берадилар — таомил шундай: хонадонга, меҳмонларга, шунинг баробаринда муборак кунда йўқлаб келган руҳлар ҳурматига салом берилади. Кимдир «ҳаётлари ширин бўлсин» деган ният билан келинлари боши устидан ширинлик сочади. Адаси (яъни Асадбек!) «ҳаётлари тўкин бўлсин», деган ниятда пул сочади. Кейин аввал келинларининг, сўнг ўғилларининг пешонасидан ўпади. Агар биров келиб Манзурадан «Бу дунёга нега келдингу нега яшадинг?» деб сўраса у «мана шу бахтли онларни кўриш учун яшадим» деб жавоб бермоғи аниқ эди. Энди-чи?

Пояндоз солиш бировнинг хаёлига келармикин?

Сочқи сочиш-чи?

Эри, Асадбек нимани сочади, пулми?

Энди пул эмас, заҳрини сочади...

Манзура эрининг қай ҳолда қаршилашини кўз олдига келтириб, баттар эзилди.

Булутлар бағридан юлқиниб чиққан учоқ титроғи босилди. Лекин Манзуранинг юрагидаги титроқ сўна қолмади. Кўз илғамас кенгликдаги осмон унинг кўзига тор кўринди. Пастдаги булутлар ўркачининг гўзаллиги уни мафтун этмади, балки дўзах ўтларининг тутуни бўлиб кўринди кўзига. У учоқда учмади, бадбахтлик тиконлари устидан ялангоёқ югуриб етди манзилига.

Учоқ қўнгач, ўрнидан туришга шошилмади. Савол назари билан қарашган келинларига «одамлар тушиб олаверишсин, туртиниб юрмайлик», деб изоҳ берди. Агар орада ташвиш олови ёнмаганида, ўғиллари бағрида бўлганида бундай демасди, ўзи биринчи бўлиб ошиқиб тушарди, қуш каби ошиқиб учарди уйи томон. Ҳозир эса эри билан учрашиш онларини бир неча сонияга бўлса-да, ортга суришни истади. Гўё сал кечроқ тушса, ўғиллари ортдаги учоқ билан изма-из етиб келиб, уни эрининг қаҳрли нигоҳидан қутқариб қоладигандай эди.

Учоқ зинапоясидан ўттиз қадамча наридаги икки оқ «жигули» ёнида турган Кесакполвон Манзурани кўриши билан унга пешвоз чиқиб, сўрашди. Кейин келинларнинг саломига алик олиб, «қийналмай келдиларингми?» деб қўйди. Манзура эрининг кутиб олишига унчалик ишонмаса-да, «келдилармикин?» деган ҳам илинж, ҳам хавотирда машиналарга қараб олди.
— Келинларнинг нақ шкаладидан топибсан, Манзур! — деди Кесакполвон тиржайиб.

Бу гап Манзурага малол келса ҳам, юрагидаги ғамни сездириб қўймаслик учун бош ирғаб жилмайишга уринди. Чўлпоной ҳам, Муштарий ҳам «Манзур» деб сенсирашидан бу паст бўйли жиккак одамни яқин қариндошлардан шекилли, деб ўйлашиб «келинларнинг нақ шкалад»и қандай эканини англашмаган бўлишса-да, аста жилмайиб қўйишди. Гарчи Асадбек бир неча марта «Бу сенга кеннайи бўлади, сизла» деб танбеҳ берганига қарамай «сен ошнамсан, бу синглим», деб ўз билганидан қолмаган Кесакполвоннинг сансирашига авваллари Манзура бефарқ қарарди. Аммо ҳозир келинлари ҳузурида малол келди.
— Паттани бер, юкларингни болалар олади.
— Юкларни... укаларингиз олиб келишади.
— Ҳа... Асад айтувди.

Манзура олд ўриндиққа, Ҳалимжоннинг ёнига ўтирди. Келинлар орқа ўриндиқдан жой олишди. Кесакполвон ўтирган машина изма-из юрди.

Дарвоза остонасидан то меҳмонхонага қадар бўлмаса-да, уч-тўрт қадам узунликда пояндоз солинган эди.

...фақат сочқи сочилмади.

...Манзуранинг бахтига ғазабли нигоҳдан таъна ўқлари ҳам ёғилмади.

...келинларининг пешоналаридан ўпиб, қутлаши лозим бўлган Асадбек кўринмади.

Пояндоз адоғида жилмайиб кутиб олган Зайнаб аввал келинойилари билан кўришиб, сўнг онасининг бағрига сингиб кетди. Бундай онларда она-боланинг йиғлаб кўришмоғи айб саналмайди, биров ажабланмайди ҳам. Бундай йиғи шодлик нишонаси деб изоҳланади. Бироқ, ҳозирги йиғи фақат соғинган юракларнинг эмас, балки аламга тўла қалбларнинг нидоси ҳам эдиким, буни атрофдагилар англашмади. Онанинг қалби ҳам, қизнинг қалби ҳам фақат ўзигагина маълум ғам заҳридан азобланиб нола қиларди. Агар Манзура қизи бошига тушган қора кунларни билсами, агар Зайнаб акаларининг нима сабабдан Москвада қолганларидан хабар топсами — бу йиғилар янада бўлакча бўлар эди.
— Қани, Манзур, фотиҳа бер, қассоб қараб қолди, — деди Кесакполвон она-боланинг унсиз дил розига барҳам бериб.

Манзура қизини бағридан бўшатиб, ёноғидаги кўз ёшларини кафти билан артди-да, Кесакполвоннинг кибрли боқувчи хотини, яна «қутлуғ бўлсин»га чиқишган қўшни хотинлар билан енгил-элпи кўришиб, ўнг қўлида пичоқ билан фотиҳага тайёр турган қассобга, оёқ остида бўйнини чўзиб, бўғзига пичоқ қадалишини кутиб ётган қўйга қаради.
— Қани, овмийн! — деди Кесакполвон баланд овозда.

Манзура ҳам фотиҳага қўл очиб, пичирлаганича дуо қилди. «Я оламлар Роббиси, ўзингнинг розилигинг учун атадик, даргоҳингда қабул эт, ҳар на бўлганда ҳам ёлғиз ўзингга шукр қиламиз, ёлғиз ўзингга сиғинамиз, ёлғиз ўзингдан умидвормиз, ёлғиз қудрат соҳиби ўзингсан!» демади. «Эй Тангрим, болаларимни ўзинг паноҳингда асра!» деб муножот қилди. Онанинг дилига ҳам, тилига ҳам бундан бўлак илтижонинг келмоғи мумкин эмасди. Пичирлаган лаблардан учган қалб нидосини атрофдагилар эшитишмади. Эшитишлари шарт ҳам эмас, чунки тингловчи ҳам, дуоларни ижобат этувчи ҳам Тангри таолодир.

Чўлпоной ҳам, Муштарий ҳам бу ажабтовур маросимдан гангиган ҳолда, ийманибгина туришарди. Манзура бошга оқ рўмол ташлашни, остона ҳатлагач салом беришни уларга тайинламаган эди. Оқ рўмоллар жомадонда, жомадон эса Москвада. Салом бериш ва бошқа урфларни Москвадан учганда йўл-йўлакай ўргатарман, деб ўйлаган эди, айтиш кўнглига сиғмади.

Қўй бўғзига пичоқ тортилиб, қон отилганда Муштарий чўчиб, «вой!» деб юборди-ю, юзини бурди. Бунақа манзарага биринчи марта гувоҳ бўлаётган опа-сингил ҳурмат-эътибор рамзи бўлмиш одатни ёввойилик, ҳатто ваҳшийлик белгиси сифатида қабул қилишиб, бир оз кўнгиллари оғриди.

Меҳмонхонага кириб, тўкин дастурхон атрофида дуо қилишгач, Зайнаб онаси билан кўз уриштириб олгач, келин ойиларига имо-ишора қилиб ўрнидан турди. Қа-йин сингилларининг мақсадини англаган келинлар ижозат сўрагандай Манзурага қарашди. Манзура «тура қолинглар» деган маънода им қоқиб қўйгач, бир оз ҳижолат бўлганлари ҳолда ўринларидан туриб, Зайнабга эргашишди.
— Акамлар аеропортда қолишдими? — деб сўради Зайнаб, ҳовлига чиқишгач.

Келинлар «хабарингиз йўқми?» деган маънода ажабланиб қарашди. Чўлпоной вазиятни чигаллаштирмаслик мақсадида:
— Масковинда бир озлик юмушнида ёпмоқликлари лозим ўлур эмиш, — деб изоҳ берди.

Зайнаб ширин лафзда айтилмиш бу сўзларга яхши тушунмаса-да, мулозимат қоидасига кўра жилмайиб қўйди-да, рўпарадаги уй томон юрди. «Қайси бирингиз катта кеннойимсиз?» деб сўрашга ийманиб:
— Бу уй Самад акамга, буниси Ҳамид акамга атаб солинган. Ҳаммоми ҳам ичида, — деди. — Кириб чиқасизларми?
— Сиза чўх ташаккурларимиз ўлсин, Зайнаб бо- ну, — Муштарий шундай деб юзини Зайнабнинг юзига қўйган тарзда ўпди.
— Тенгри таоло сиздан-да ризо ўлсун, — Чўлпоной ҳам шу тарзда ўпгач, ҳар бирлари ўзларига аталган уйга киришди.

Манзура Олмонияда эканида, ҳали қайтиш фурсати маълум бўлмай туриб, аввал Чувриндининг хотинига, сўнг Зайнабга қўнғироқ қилган, келинларнинг уйларини ясатиб, келинлар учун уч-тўрт сидра кийим-бош олиб қўйишни тайинлаган эди. Чувриндининг хотини Элчин фожиасидан сўнг гангиб юрган Зайнабни ёнига олиб, шу хайрли ишлар баҳонасида овунар деган мақсадда бозорларга бирга тушиб, бирга ҳарид қилиб, уйларни бирга ясатган эди.

Келинлар уйга кириб кетишган дамда Манзура меҳмонхонадаги аёлларга узр айтиб, ташқарига чиқди. Зайнаб бундан қувониб, онасига яқинлашди-да, маҳкам қучоқлаб олди.
— Аданг қанилар? — деб сўради Манзура паст овозда.
— Красноярга кетяпман, дедилар.
— Қачон?
— Бугун.
— Нимага кетдилар яна, айтмадиларми?
— Бобомнинг қабрларига тош қўярмишлар.
— Вой Худойим, шу шартмиди ҳозир...

Зайнаб алдамади. Отасидан эшитган гапни айтди. Гапи оҳангида ёлғон бўлмагани сабабли Манзура унга ишонди. Асадбекнинг Москвага кетгани кузатиб чиққан Ҳалимжон билан Кесакполвонгагина аён эди. Нима учун кетгани эса Кесакполвоннинг ўзигагина маълум эди.

Дастурхонга шўрва сузилгач, телефон жиринглади. Зайнаб меҳмонхонага кириб «Кеннайим, Маҳмуд акамнинг хотинлари...» деб чақирди. Онаси айвонга чиқиши билан «хабарлари йўқдир» деган мулоҳазада «кеннайим азадорлар, шунинг учун келолмадилар», деб қўйди. Манзура гўшакни қулоғига тутиб, саломни эшитиши билан алик ўрнига кўнгил сўради:
— Бандалик экан, овсин, укамни бериб қўйиб- сиз, — деб йиғламсиради.
— Қандоқ қиламиз, опажон, пешонамиз шу экан,— деган жавоб йиғига уланди.

Телефон орқали йиғи-сиғи узоққа чўзилмай, Чувриндининг хотини кутиб олишга чиқолмаганидан хижолатда эканини билдириб, эрта-индин албатта йўқлаяжагини маълум қилди. Манзура тил учида «Хўп, келинг, айланай овсин», деди-ю, «Азадор хотин чиллалик уйга келмай турса ҳам бўларди», деб ўйлади.

Манзура хизмат қилиб юрган Ҳалимжонни чақириб, сўйилган қўйнинг бир сонини олишни, нон, ноз-неъматлардан солиб тугун қилишни буюрди-да, ётоғига кириб жавонни очди. Ўғилларининг илгакда осиғлиқ турган кўйлакларидан бир жуфтдан олиб, яхшилаб тахлаб, ялтироқ қоғозга ўради. Сўнг Зайнабга «сен меҳмонларга қара, мен ҳозир келаман», деб қайнонаси ва қайниси дафн этилган қабристонга кетди. Ҳалимжон олиб келган тугунни гўрковларга бериб, ўзи машинага қайтди. Манзура эса тахта ўриндиқда узоқ ўтириб, Яратганга илтижо қилди.

IV боб

1

Марҳумларнинг фақат қиёмат қойим бўлганида, сур чалинган онда тирилмоқлари маълумдир. Шундай бўлмаганда эди, Фиръавн тирилиб келиб Хонгирейнинг қилмишларини кўриб, аъёнлари Ҳомон ва Қорунга қарарди-да, «Сенлар ўтмиш ҳаётларингдан кўп ҳам куймаларинг. Сенлардан баттари ҳам бор экан. Сенлар-ку, мени худо деб билиб қилдиларинг барча гуноҳларни. Бу бефаросат бола эса ўзини ўз оламининг худоси деб фаҳм этяпти. Мен дўзахга ҳукм қилинганман, аммо бу ақли қосир билан бир ўтда куймоқликдан ҳазар қиламан», деган бўларди.

Фиръавн тақдиридан бехабар ўнлаб, юзлаб, балки минглаб, балки ундан-да кўпроқ бандалар сафидаги Хонгирейни у дунёда кутилажак азоблар мутлақо ташвишга солмас эди. Унинг айни дамларда ташвиши фақат бу дунёга хос — синган Асадбек ўрнига ўзининг содиқ вассалини қўймоқ. Ҳа, у Асадбекни синган ҳисобларди. Қуриган, синган шохларни гулханга ташлаб, оловда қўлларини иситиб роҳат олгани каби Асадбекнинг жон талвасасидан ҳузурланишни истаётган эди.

Қонундаги ўғри шоҳсупасида ўтирган, устози Зелихон томонидан «Княз» деб эркаланган Хонгирей қиморбозларни азалдан ёқтирмас эди. Ҳали ўғрилар оламида суяги қотмаган маҳалларда шериклари билан милитсия либосини кийиб қиморхоналарни беш-олти марта босган эди. Омади келиб катта ютуқ олган қиморбозларнинг ҳам додини берган эди. Унинг учун давлат хазинасини ургандан кўра қиморбозларнинг шўрини қуритиш дурустроқ эди. Чунки қиморбоз аҳли ҳукуматга арз-дод қилмагани учун таъқиб ташвишидан ҳоли эди. Катта қиморбозлар билан қонундаги ўғрилар орасида сулҳ мавжуд бўлгани сабабли «қонундагилар»нинг катталари Хонгирейнинг танобини тортиб қўйишгач, ресторан директорининг шўрини қуритаман деганида ўзининг шўргинаси қуриб қолди. Шу ҳолатнинг асосий сабабчилари қиморбозлар деб билиб уларга нисбатан сўнмас нафрати юрагига муҳрланди.

Шунданми, Хонгирей ўзга ўғрилардан фарқли ўлароқ, қимор ўйнамас эди. Ҳатто шунчаки ҳавас ёки кўнгил очар учун ҳам қўлига қарта олмас, ёнидагилар учун ҳам қиморга яқинлашмоқликни ман этган эди. Ўжарлик, ўз аҳдида қатъий туришда унга бас келувчининг топилиши қийин. Аҳдга вафо қилмоқ, қатъийлик покиза қалб эгалари учун яхши фазилат саналади. Зулм уруғи ниш урган юраклар учун эса офат эшигининг очилмоғидир.

Хонгирейнинг бу оламга кириб қолишига асосий сабаб ҳам шу ўжарлик эди.

Қофқазнинг осмон билан ўпишган ерларида жойлашган Ҳамзат овули фақат атрофидаги мағрур чўққилари билан эмас, йигитларининг бўйдор, бақувватлиги билан ҳам бошқалардан ажралиб турарди. Эндигина ўн бешни қоралаган Афтондил эса гавдада ҳам, абжирликда ҳам йигирма ёшлилар билан баралла баҳслаша оларди. Чавандозликда, курашда овулнинг фахрига айлана бораётган эди. Майхўрлиги туфайли овулга иснод келтираётган одамнинг ўғли атроф овулларнинг ҳам назарига тушаётган пайтда шайтон ғолиблик қилди.

Тенгсиз чавандоз бўлиб етишаётган йигитчанинг уйида от тугул эшак ҳам йўқ эди. Афтондил учун эса бу бир адолатсиз ҳол эди. Бу ноҳақликка чек қўйишга аҳд қилган дамда қалбига зулм ўргимчаги ҳали тўрини ёймаган эди. Дастлаб аҳдини ҳалол тарзда амалга оширмоққа уринди. Тўй-ҳашамдаги пойгаларда, курашларда ғолиб чиқса-чиқмаса унга меҳрини боғлаганлар суюнчи сифатида пул берар эдилар. У ана шу пулларни йиға бошлади. «От бўлмаса той оларман», деб ният қилди. Назран томондаги Ингуш овулда бир тойнинг довруғини эшитиб, харидор бўлиб борди. Тойнинг эгаси нархни айтганида Афтондилнинг капалаги учиб кетди: тўплаган пули тойнинг битта туёғига аранг етарди. У тойнинг қимматини тахминан чамалаб кўрган, аммо зотдор тойнинг бу қадар қиммат бўлишини ҳисобга олмаган эди. Ўжар, мағрур, айни дамда соддадил йигитча «ҳозирча шу пулни ола туринг, қолганини ке-йинроқ олиб келиб бераман», деди. Тойнинг эгаси бу соддаликдан кулиб, «бўлмайди, иним», деб қўя қолса бўларди. Аммо у ҳазиллашиб «бу пулингга эшак олиб мина қол» деб мағрур йигитчанинг иззат-нафсига тегиб қўйди.

Худо урганни, банда ҳам туртиб ўтади, дейишлари рост экан. Назрандаги Ингуш овулдан алам билан қайт-ган Афтондилнинг ғам дарёси икки кундан сўнг тошгандан тошиб кетди: отаси пулни ўғирлаб олиб, шериклари билан бўкиб ичибди. Афтондил ҳар қанча аламда бўлса-да, отасига қарши гапирмади — ҳаддида турди, мағрур тоғликлар урфини бузмади. Айтилиши лозим бўлган гапларни онаси айтди: «Бу кунингиздан ўлганингиз минг марта яхши. Ўғлингиз от олмоқчи эди бу пулга, сизда инсоф деган нарса борми?! Кеча Наз-ранга борганида пули етмаган экан, тамом қуритдингиз-ку энди!» деди. Кайфи ҳали тарқамаган отаси эса қўл силтаб «Эркак одам пулим етмади, деб ўтираверадими, ёққан бўлса миниб келавермайдими? Битта ингушнинг тойини тортиб ололмаган чечен — чеченми», деб минғирлади. Шунчаки айтилган гап Афтондилнинг қулоғига ўрнашиб қолди. Эртасига эса отасининг кайф аралаш айтганлари ҳақ гапга айланди. Эшак сотиб олиб минишни маслаҳат бериб ҳақоратлаган одамни жазолаши керак эди. Отасининг айтганини амалга оширишни пайсалга солмади. Назранга той миниб келиш қасдида жўнади-ю... уйига бир ярим йилда қайтди. Той миниб эмас, «от ўғриси» деган лаънат тамғаси билан қайтди. Энди унинг кураш майдони ҳам, пойга майдони ҳам ўзгарди. Озодликдаги кунлари бир йилга бормади. Бир дўконни босаман, деганда саккиз йилга кетворди. Ёши ўн саккизга етгунига қадар ўсмирлар ахлоқ тузатиш лагерида бўлиб, сўнг Псковдаги катталар қамоқхонасига кўчирилди. Ахлоқ тузатиши лозим бўлган ерда ўғирлик бобидаги чала илмини анча тўлдирган эди. Псковга келиб эса, «олий маълумот» ола бошлади. Бу «олий маълумот»ни «академик» лақаби билан машҳур Зелихон берди. Кейинчалик «қонундаги ўғри» тожини кийиши ҳам айнан шу устозининг тавсияси билан амалга ошди. « Афтондил» исмининг «Хонгирей»га айланиши ҳам унинг истаги билан бўлди.

ёқмади. Йигитни синаб, ҳунарини ўргатгач, бир куни:
— Сен балчиқда туғилганмисан? — деб сўради.
— Мен тоғлиман! — деди Афтондил ғурур билан.
— Тоғда қўнғиз ҳам туғилади, бургут ҳам, — деди Зелихон. — Сен бургут бўла олармикансан?
— Мен бургутман! — деди у ишонч билан.
— Унда нима учун шунча йилдан бери «зулук» деган паст номни ортмоқлаб юрибсан. Бургут бўла олсанг, нимага чанг солишни билиб ол: қузғунга ўхшаб ўлакса овлама. Зулукнинг вазифаси нима, биласанми? Билмасанг билиб ол: у ҳаром қонни сўради. Ҳаром қон сўрувчи зулук билан ўлакса еювчи қузғуннинг нима фарқи бор? Сен лақабингни ўзгартир. Зулук деган номдан ор қилмаганингга ҳайронман.

Чиндан ҳам ор қилмаган эди. Бу дашномдан сўнг изза чекди.
— Мен сенга Хонгирей деб ном бераман. Мен Хонгиреевлар насабиданман. Сен ҳам Гирей хонлар сингари бу оламнинг зўри бўл, хони бўл!

Афтондил — Хонгирей Олтин ўрдага бўюнсинмай, Қрим хонлигига асос солган Гирей хонлари сулоласини, уларнинг европага даҳшат солганларини, Давлат Гирейнинг эса Москванинг додини берганини билмас эди. Буни Зелихон ҳам яхши билмас эди. Шубҳасизки, шогирдининг Давлат Гирей изидан бориб, Москвага ин қўйишини, Москванинг зўрларидан бирига айланишини ўйлаб ҳам кўрмаган эди.

Афтондилга устозининг биттагина гапи кифоя қил-ди — ўшандан бери у Хонгирей. Аммо номи ўзгаргани билан феъли аслича қолаверди. Ҳаром-харишнинг, ўлаксанинг фарқига бормай яшайверди. Зелихон вақти-вақти билан унга дашном бериб турарди. Хонгирей устозининг дашномларини индамайгина эшитарди, бошини эгарди, кейин эса яна ўз йўлида давом этаверарди. У гарчи «Тоғликман!» деб ғурурланса ҳам, бургутман, деб керилса ҳам, устозига хиёнат қилишга мажбур бўлди: Зелихонни охиригача ҳимоя қила олмади. Ўз жонини гаровга қўйиб устозини сақлаб қолмоғи мумкин эди, аммо бундай қилмади, юрагини мой каби ўраган худбинлик бунга йўл қўймади.

Биринчи хиёнатни кўпчилик сезмай ҳам қолди. Зелихон ўлдирилгач, унинг руҳига ҳам хиёнат қилдики, буни бошқалар ҳам пайқашди. Биринчи галда Байгилдин фаҳмлади. Байгилдин ўша Псковдаги қамоқда Хонгирейни Зелихондан «қабул қилиб олган» ўғри эди. Банклар бўйича «мутахассис» ҳисобланган Байгилдин қамоқдан кейин ҳам Хонгирей билан бирга бўлди. Мустақил ишлашни ёқтирмайдиган Байгилдин оқибатда Хонгирейнинг ўнг қўлига айланди.

Майда ўғирликлар барҳам топиб, Хонгирей қулочини каттароқ ота бошлаганда Байгилдинга иш ҳам қолмади. Аммо Хонгирей уни ёлғизлатмади, Байгилдин «маслаҳатчи» мартабасида юраверди. Байгилдин берадиган маслаҳатлари ҳавога учиб кетишини, Хонгирей ўз билганидан қолмаслигини билса ҳам уни ташлаб кетмади.

Шогирднинг Асадбекка осилаётганини фаҳмлаган Байгилдин аввалига индамади. Асадбекнинг ўғиллари ҳибсга олинганидан сўнггина аралашмоқликни маъқул кўрди.

Маматбей кириб Асадбекнинг ўғиллари раён милитсиясининг қамоқхонасида ўтиришганини маълум қилгач:
— Келишганимиздек, эртагача кутамиз. Асад келса келди, келмаса ўғилларини Лефортовога ўтказиб юбораверамизми?
— Шошилма,— деди Хонгирей эснаб, — сен ўзбекларни яхши билмайсан. Ўлар жойда бўлса ҳам етиб келади. Ўзбекнинг кўзига жони эмас, боласи кўринади. Менинг кўнглим тўқ. Шу бир-икки кун ичида Асаднинг масаласи ҳал бўлади.
— Ўғилларидан қайси бири?..
— Айтувдим-ку? Бўшангроғи қолсин, отасига ўхшаганини тинчитасан.
— Биттаси аеропортда ғалва кўтарди. Жангарироқ экан.
— Ана, ҳукм тайин экан-ку? — Хонгирей бу сафар обдон керишиб, эснади. — Нима бало, ланжлик тарқамаяпти-ку?
— Коняк қуяйми? — деди Маматбей ўрнидан туриб.
— Йўқ, сен чиқиб айт, аччиқ қаҳва беришсин.

Маматбей эшикни қия очиб буйруқни етказгач, яна Байгилдин ёнига ўтирди.
— Хон, — деди Байгилдин, — Сен Зеляни унутдингми?

Хонгирей унга қараб қўйди-ю, жавоб бермади. Байгилдин ҳам жавобга муштоқ бўлмаган одамдай бошқа гап қўшмади. Савол Хонгирейга ёқмадими, демак жавобдан умид қилмаслик керак. Саволни иккинчи бор қайтармоққа ҳожат ҳам йўқ.

Ўн олтидан эндигина ошган дуркун қиз ишва билан олиб кирган қаҳвадан уч-тўрт хўплагач, Хонгирей устозига қаради.
— Ўзбекларга қўл кўтаришга ҳаққим йўқлигини биламан. Чеченларга нон берганларга қўл кўтарсам, Зели оғамнинг руҳи чирқирайди, шуни айтмоқчимисиз?

Бу гап Маматбейга маълум эди, шу боис ҳожасини қувватлади:
— Улар ўйин қоидасини буздилар, жазосиз қолдириб бўлмайди.
— Сен тўғри гапир, жазоламаймиз, тарбия қиламиз, — Хонгирей шундай деб оёқларини пастқам стол устига қўйиб, чалиштириб олди.

Байгилдин шогирдининг ўзи томон узатилган оёқларига эътибор бермади, кўнгли ҳам оғримади. Одоб деган тушунчадан йироқ бўлган олам учун бундай ўтириш нима экан, агар Хонгирей шу томон қараб таҳорат ушатса ҳам парвойига келмаган бўларди. Чунки бунда ёш эмас, мартаба муҳимроқ.

Байгилдин шогирдини огоҳлантириш билан вазифасини адо этган ҳисоблаб, гапни чувалаштирмади. Хонгирей эса ўнг билагидаги соатга қараб, яна эснади-да:
— Пончикни соат нечага айтгансан? — деб сўради.
— Вақт бўлди, келгандир, — деди Маматбей.
— Қара, келган бўлса чақир.

Маматбей яна ўрнидан туриб, эшикни очди-да, амр-га маҳтал турган йигитга имлагач, яна жойига қайтди. Дам ўтмай эшик баралла очилиб, остонада Селим кўринди.
— Селим, бормисан, орқадошим! — деди Хонгирей ўтирган ерида.

Селим салом берди-да, гавдасига ярашмаган ҳолда тез-тез юриб келиб, сўрашиш учун узатилган қўлни ўпиб, кўзига суртди. Бу қилиқ маъқул келиб, Хонгирей ўзини чин хон каби ҳис қилиб жилмайди-да, Селимга ёнидан жой кўрсатди.
— Қаерларда тентираб юрибсан? — деб сўради у Селим ўтиргач, елкасига қўлини ташлаб. — Қорабоғда эдинг, Бокуга кўчибсанми?
— Ҳа, энди... — Селим айбдор боладай бошини эгди. — Қорабоғдаги қариндошларни қора тортиб борувдим, у ернинг тинчи ҳам бузилди... Боку тинчроқ бизга.
— Сен қаерга борсанг, ғалва чиқяпти, нима бало шумқадаммисан? — Хонгирей шундай деб кулди. Маматбей ҳожасининг кўнгли учун тиржайди. Дам сигарет тутатиб, дам қаҳва ҳўплаётган Байгилдин эса бу гапларни эшитмагандай жимгина ўтираверди.
— Сен нима учун Ҳосил билан чиқишмай қолган эдинг? — деб сўради Хонгирей жиддийлашиб. — Отанг-дан қолган молингни талашдингми?
— У нархни паст олди, бизга тийин ҳам қолмади.
— Ҳосил менинг одамим-ку?
— Буни билмабман.
— Сен ментларга хизмат қилдингми?
— Йўқ. — Селим шундай деди-ю, ичида нимадир узилгандай бўлди.
— Зели оғам сени нима учун дўппослади?
— Тушунмовчилик бўлган...
— Зели оғамни ўлдиришди. Унинг ўлими сенинг бўйнингда. — Хонгирей шундай деб Селимнинг бўйнига уч-тўрт шапатилади. — Сенинг ҳар бир томирингни битта-битта кесиб ташласам ҳам хумордан чиқмайман. Бўри ўлибди, эшитгандирсан?
— Йўқ...
— Лақиллатма, эшитгансан. Сен ҳар бир балони биласан. Сен титрама, пончик. Нима бало, иштонингни ҳўл қилиб қўйдингми, тур, чиқиб алмаштириб кел. Маматбей бунга лойиқ иштонинг борми? Хотинларники ҳам бўлаверади. Бунинг эркакка ўхшамай қолибди. Ўзингни тут, шу юрак билан Ҳосилга осилдингми? — Хонгирей шундай деб уни елкасига енгил муштлади. — Сени ўлдирмайман. Бир қоп гўштнинг жонини суғуриб олсам иснодга қоламан. Сен ҳозир кўч-кўронингни кўтарасану Ўзбекистонга қайтасан.
— Нега?
— Кокоин билан шуғулланасан.
— Ким билан... ишлайман? Яна Ҳосил биланми?

Хонгирей «Ҳосилнинг ўлимини ростдан ҳам билмайсанми?» дегандай унга тикилди:
— Ҳар ҳолда Илико билан эмас...

Бу гапдан сўнг Селим ростдан ҳам иштонини ҳўл қилай деди. Фарғонада эканида, ҳали Зелихоннинг тепкисини емай туриб, «Бўри» — Федянинг йўриғига юрмасидан аввал ғилай Шомил уни сиқувга олганида «Илико билан маслаҳатлашайчи...» деб, кимга суянажагини ишора қилиб қўйган эди. Ҳосилнинг Хонгирей билан алоқаси борлигини билганда бу гапни зинҳор айтмаган бўларди.
— Илико билан... алоқам йўқ, — деди Селим титроқ товушда. — Менга осилавермасин, деб шунчаки айтувдим.
— Биламан, — деди Хонгирей, — Илико сен билан ишлайдиган аҳмоқ эмас. Икки қулоғингга қуйиб ол: Ўзбекистон меники. У ерга бир-икки ишончли одам керак. Алоқаларингни йўқотмагандирсан, а?
— Бор... сиз билан ишлаш биз учун бахт.
— Тилёғламалик қилма. Мен билан ишлаган одам ҳеч қачон бахтли бўлмайди. Сен Ўзбекистонга боравер, нима қилишингни кейин айтаман.
— Мен аввал ўзим бориб, жой-пой қилсам...
— Ҳа, албатта, бир ўзинг борасан. Оиланг эса Москвада туради. Сен у ерда бошқага уйланиб, маиша-тингни қилавер. Маматбей, бунинг ўйнашларидан хабар олиб келдингми?

Маматбей бош бармоғини кўрсатиб, «Зўр!» деган ишорани қилганича ишшайди. Селим эса оиласи гаровда эканини англаб зил кетди.
— Балки Бокуда... — деб гап бошлаган эди, Хонгирей унга ўқрайди.
— Галварс! Одамлар Москвада яшашга етишолмайдилару сен ноз қиласанми? Агар ҳалол ишласанг, уч йилдан сўнг ана у ерда, — Хонгирей устози ўтирган ерни имлаб кўрсатди, — ўтирасан.

Хонгирей шу гапни айтгач, Селим масала ҳал бўлганини англаб, ўрнидан турди. Остонага етай деганида Хонгирей уни тўхтатди:
— Ҳосилдан қўрқма, у ҳам ўлган.

Селим бу хабарни энди эшитгандай, Хонгирейга ажабланиб қаради. Хонгирей бошқа гапирмади. Ичида «Ҳа, тулки!» деб қўйиб сўкинди.

Бир неча соатдан сўнг Кесакполвон қўнғироқ қилиб, Асадбекнинг Москвага қараб учганини билдирди.

2

Бу воқеадан тўрт кун аввал Асадбек Чувриндининг жанозасидан сўнг эски уйига келиб ўтирганида Хонгирей Москвадан салкам икки юз чақирим нарида жойлашган Шаховской деб номланувчи ўрмон бағрида барпо этилган қароргоҳида маишат қилиб ётарди. Чувриндининг ўлими хусусидаги Кесакполвоннинг хабари унга айнан шу ерга етказилганди. Ўшанда Хонгирей хушхабарни айтган Маматбейдан:
— Асадбекнинг ўғиллари Германияда эдими?— деб сўраб, саволига жавоб кутмаёқ амр этган эди: — Хабар олчи, ҳар ҳолда қадрдонимнинг болалари, уйига қайтадиган бўлишса, Москвада уч-тўрт кун меҳмон қилайлик.

Уларни қандай кутиб олиш, қандай меҳмон қилиш режаси айнан ўша ерда, ўша дамда пишиб етилган эди. Ёвлашиб қолган икки одамнинг бири отасидан қолган эски уйида, болалик чоғида башарасига туфлаб, халқ душмани ўғлига нафратини изҳор этган дўстлари учун ош дамлатиб ўтирарди. Дўстларини кутаётган Асадбекнинг хаёли болалик хотиралари билан эмас, балки укасидай қадрдон бўлиб қолган Чувриндининг ҳалокати билан банд эди.

Шаховскойдаги қароргоҳда эса Хонгирей шохона дастурхон тузаб, ўғрилар оламига кириб топган Катс, Япончик, Тенгиз, Жамал, Михас, Каро, Якутёнок каби лақаблар билан ном чиқарган дўстларини кутаётган эди. Мазкур маишат Козлов салтанатининг барбод этилгани суюнчиси эди. Хонгирей шу зиёфат баҳонасида Ўзбекистонда ҳам тўла назорат ўрната бошлаганини маълум қилиб, «сенлар у томонларга буринларингни тиқмаларинг», деб ишора қилиб қўймоқчи эди.

Худодан қайтибди... Зайнаб ўғирланганида Жалил томонидан айтилган бу гап унутилмай, юрагини сич-қон каби кемириб ётган эди. Ҳозир ўша оғиздан чиққан ўша гап хонада момақалдироқ сингари гулдирагандек бўлди. Асадбекнинг бошига гурзи каби урилиб, товонига қадар зириллатди.

«Худодан қайтибди?.. Мени гапиряптими?» Асадбек шу хавотир билан ўртоқларига қаради. Жалил унинг боқишига эътибор бермай айни кунларда эзилаётган оқсоқолнинг бир вақтлар отасини қандай хорлаганини гапира бошлаган эди. Асадбек суҳбат мавзуини қисман англаган бўлса-да, бошига тўқмоқ каби урилган гапнинг заҳридан қутула олмади.

Худодан қайтибди... Асадбек ўшанда «Менинг маишат қилганимни кўрдингми?» деб баланд келишга уринса-да, фақат ўзигагинаю Оллоҳга маълум қилиқларини эслаб, бу ҳақ гап олдида таслим бўлган эди. Ана шу таслимлик ўшандан бери азоб берарди. Жалилнинг ҳозирги гапи бошқа одамга тегишли бўлгани билан унинг ярасини янгилади.

Худодан қайтиши...

Зайнабнинг қисмати, Маҳмуднинг ўлими... Яна Худо нималарни қайтариб, бошига солар экан?..

Ош ейилиб, бир пиёладан чой ичилди-ю, дўстлар давраси ортиқча лутфсиз тарқалди. Шундан сўнг Асадбек ҳам ўрнидан турди.
— Уйингга борасанми? — деб сўради Жалил ундан.
— Сени олиб бориб қўйишади, — деди Асадбек тўғри жавобдан бўйин товлаб.

Жалил бу гапдан «Борар ерим билан ишинг бўлмасин», деган маънони уқиб:
— Автобусда кетавераман, онам мени машинада туғмаганлар, — деди.

Асадбек яна тўнғиллаб қолишнинг олдини олиш мақсадида ҳазил оҳангида:
— Сени ойинг гармдорининг устига туққанлар, — деди.

Бир нима деб жавоб қайтаришга Жалилнинг тили қичиди-ю, аммо дўстининг аҳволини инобатга олиб, ўзини тийди.

Асадбек уйига қайтмади, Чувриндиникига борди. Шом кириб, хассакашлардан бўлак одамлар тарқалишган эди. Асадбек машинадан тушмай турибоқ, атрофга қараб Кесакполвонни қидирди. Ҳовлига, ундан меҳмонхонага кирганида ҳам нигоҳи уни излади. Муштоқлиги учун эмас, аксинча кўргиси келмаётгани учун ҳам қидирди. Жалил «ошнам укасининг ўлимидан эзилиб кетди, шунинг учун жанозадан сўнг азадор хонадонга боргиси келмади», деб ўйлаб бир оз янглишди. Тўғри, эзилди. Бироқ Чувриндининг уйига келишидан тийилишига асосий сабаб Кесакполвонга рўпара келиш қўрқуви эди. Ҳа, айнан қўрқуви эди. У ўзини тутолмай аъёнига ташланиб қолишдан чўчирди.

Асадбек Кесакполвонга қабр тепасида туриб «юрагимга тупурдинг» деган гапини аниқ ишончга эмас, гумонга суяниб айтган эди. Фалокат тасодифан юз бердими ё биров атайин уюштирдими, Асадбек аниқ билмасди. У ҳаёти давомида катта-кичик фалокату фожиаларга кўп дуч келди. Ана шу ҳаётий тажриба унда «ҳеч қандай иш тасодифан юз бермайди» деган ақидага ишонтириб қўйган эди. Шу боис ҳам «машинаси тасодифан тўқнашиб кетибди» деган фикрни четлаб ўтди. Кейинроқ «ярим кечада бу кўчада «КамАЗ» нима қилади, бу ҳечам тасодиф эмас», деб ақидасига содиқ қолди.

Фожеа ҳақидаги хабарни эшитиб то Чувриндининг уйига келгунича турли гумонларни ҳақиқат тарозуси паллаларига қўйиб кўрди. Унга дадил қарши чиқиши мумкин бўлган Ҳосилнинг жасадини аллақачон лаҳад қуртлари еб адо этгандир. Шомилнинг танасиз боши ҳам неча қуртларга озуқа бўлгандир. Ҳосилнинг бошқа йигитлари бундай ишга жазм эта олмас. Унда ким?

Бу саволга Кесакполвоннинг кўзлари жавоб бергандай бўлди. Кесакполвон Асадбекни тили билан алдашга кўп уринган, лекин ҳар сафар кўзлари панд бериб қўярди. Асадбек буни болалик йиллари мактабда перо ўғирлаш воқеасидаёқ кашф этган эди. Ўқитувчи «Ҳайдар, сен-чи, тупурмайсанми?» деганида Асадбек билан унинг нигоҳи тўқнашган, ўшанда Ҳайдар кўзларини олиб қочиб, ўғирлигини фош этиб қўйган эди. Ўшанда Асадбек «ўзим кўрдим, сен ўғирладинг», деган ёлғон гапини унинг қарашидаги ана шу хавотирликка асосланиб айтганди.

Эрта тонгда Чувриндининг ҳовлисига қадам босиб кирганида рўпарасида Кесакполвон пайдо бўлди. Рўпара бўлди-ю, яқин кишисидан айрилган одамнинг дарди, қайғуси билан эмас, айбли кишининг хавотирли нигоҳи билан қаради. «Асад, Маҳмуджондан айрилиб қолдик», деди унинг титроқ лаблари. Аммо нигоҳи «ажал укахонимизни юлиб олди», деб фарёд урмади. Аксинча, Асадбекнинг савол зуҳурланган тик қарашига дош беролмай, «кечир мени, билмай қилиб қўйдим бу ишни» дегандай бўлди.

Асадбек бу икки аъён орасидан гап қочар, тахт талашар, оқибатда келишиб олишар, деб ўйларди. Бироқ, бир-бирини ўлдириб юборар деган фикрдан йироқ эди. Айниқса Кесакполвон ўзи топган, ўзи тарбия қилган одамни ўзи яксон қилар, деб кутмаган эди.

Чувриндининг ҳовлисида тўқнашган нигоҳлар оқибатида туғилган гумон Кесакполвонни таъқиб эта бошлади. Чувриндининг ўғли «чақиртирган экансиз», дегач, бу гумон ҳақиқатга айлана борди. Ана шу ҳақиқат маълум нуқтага етгач портлаши мумкин эди. Асадбек айнан шуни истамади. Қабр тепасида туриб аъёнини ҳайдаган бўлса-да, кейинроқ «ишқилиб адашган бўла-йин, ишқилиб бошқа одам бўлсин», деб умид қилди. Чувриндининг ўлими уни заҳарли ўқ билан яралади. Асадбек «қачондир кимдир мени ўлдириб кетар, ўз ажалим билан ўлмасам керак», деб хаёл қиларди. Охирги ойларда Ҳосил бойваччадан хавотирланарди. Агар хавотири чинга айланса, Ҳосил отса ёки сўйса унчалик алам қилмас эди. Агар ҳозирги гумони тўғри чиққудай бўлса, аламга чидолмас, жонини шу алам панжаси суғуриб олар...

Асадбек Чувриндининг уйида Кесакполвонни учратмагач, бир оз енгил тин олди. Хизмат қилиб чарчаган йигитлар Асадбекни меҳмонхона остонаси қадар кузатиб, ўзлари ён томондаги хона томон юрдилар. Меҳмонхонага аввал Чувриндининг катта ўғли, салдан сўнг бошига қора рўмол ташлаган хотини кирди. Она-бола «жанозадан кейин кўринмай қолдингиз, тинчликми?» деб сўрашмади, Асадбек ҳам узр айтишни лозим топмади. Бир неча фурсат бир-бирларига қарашга ботинмай жим ўтирдилар. Асадбек сўз айтиш аввал ўзидан лозим эканини биларди. Ҳамманинг тилидан бирдай учадиган «бандалик...» дан бошласинми?

Асадбек сўз бошлашга қийналиб ўтирганида аёлларнинг бесабрлик одатига содиқ қолган келин (Чувриндининг хотинини у чин келинлик мартабасида кўрар эди) тилга кирди:
— Мулла ака, қишлоқда тоғалари бор экан, айттирсакмикин?

Савол келини томонидан берилган бўлса-да, Асадбек унга жавоб қайтариш ўрнига жиян мартабасидаги Чувриндининг ўғлига қараб сўради:
— Илгари борди-келди қилармидиларинг?
— Йўқ, — деди жиян «тўғри жавоб беряпманми?» деган маънода онасига қараб олиб, сўнг дадилроқ оҳанг-да қўшиб қўйди: — Биз уларни танимаймиз.
— Танимасаларинг нима қиласанлар хабарлаб. Тиригида ярамаган тоға энди келиб тирилтириб берармиди. Меҳрга арзийдиган одам бўлса, Маҳмуднинг ўзи оқибат қиларди. Энди гап бундай, Умиджон болам, аданг раҳматли етимликда катта бўлган эди. Сен «менинг ҳам пешонам шу экан», деб сиқилма. Сен мени «опоқ дада» деб катта бўлдинг. Ўлгунимча сенга ҳам, укаларингга ҳам дадаман.
— Мулла ака, сизнинг тани-жонингиз соғ бўлсин. Сиздан бошқа бизнинг яна кимимиз бор? Бола-чақангизнинг роҳатини кўринг. Фотиҳага келаётганларга йигирманинг қачон бўлишини айтиб қўйсакмикин?

Асадбек бу сафар ҳам жиянига қараб жавоб берди:
— Буларни ўйламаларинг. Қачон, қаерда, нима қилишини ўзимиз биламиз. Умиджон болам, сен адангларнинг тсехларига бориб турармидинг?
— Ҳа...— Йигит бу сафар ҳам онасига айбли одамнинг нигоҳи билан қараб олди.
— Уч кун бу ерда тургин-да, кейин ишга қара. Аданг-нинг ишларини энди ўзинг юрғизасан.
— Мулла ака, — келин мурожаат этишга этиб қўйиб, фикрини баён қилмоққа иккиланганича паст овозда деди: — Ўғлингиз ўқишини тиклаб, давом эттирсамикин, девдик. Укангиз билан ҳам маслаҳатимиз шунақа бўлувди. Ўғлингиз бир эси йўқлик қилибми ташловди ўқишини, энди ўзи ҳам пушаймон, «ўқийман», деяпти, опоқ дадаси. Яна... Умиджон ўғлингиз ёш... бу ишларни эплолмайди.

Буралган тарзда баён қилинган фикрга яширилган мақсадни Асадбек англади.

Бу аёл эри бажарадиган барча ишларни аниқ билмаса-да, одамларнинг гап-сўзларига ишониб, тахмин қиларди. Лаззатли келинлик оламига кирган дастлабки ҳафталар, ойлар, йилларда эрининг уйга қайтишини хавотир билан кутиб, туни билан Манзура каби жойнамоз устида ўтиришни одат қилмаган, лекин ажинадан қўрққан қизалоқ каби ҳадиксираб кун ўтказарди. Гарчи шу оламнинг ноз-неъматларидан баҳрамандликда яшаса-да, фарзандларининг бошқа бехавотир олам фуқаролари бўлишларини истарди. Бу жиҳатдан унинг нияти Манзуранинг, нафақат Манзуранинг, ҳатто Асадбекнинг умидлари билан уйқаш эди. Шу сабабли ҳам Асадбек гапнинг замиридаги маънони дарров уқди. Уқди-ю, бироқ, аччиқланмади, «ношукр экансан!» деб ғазабланмади. Аксинча бу таклифни хотиржамлик билан қабул қилди:
— Ўқийди, ўқимаганига қўймайман. Маҳмуд менга ҳам «ўқишини тиклатаман», девди...

Асадбек бу гапнинг ёлғонлигини билдириб қўймаслик учун худди рост гапираётган одам каби она-болага бир-бир тик қараб олди. Тўғри, Чувринди ўғлининг ўқишидан гап очган эди. Фақат ҳозир Асадбек айтган тарзда эмас, балки «Бек ака, сизнинг ўғилларингизга ҳавасим келади. Умиджонимда ўқишга сира тоқат йўқ. Болалигидан шунақа. Китоб ўқи, десам йиғларди. Энди-ку «ўқимайман» деб дангал айтди. Ўқимаса ўқимас. Лекин битта диплом тўғирлаб қўйсаммикин», деган эди. Ҳозир Асадбек «ўқимаганига қўймайман» деганда ўша «диплом тўғирлаш»ни назарда тутди. Бир озлик сукутдан сўнг у фикрини давом эттирди:
— Ўзимнинг болаларимни ўқитиб, сеникиларни кўчага ташлаб қўяманми? Сен айтмасанг ҳам ўқитаман. Хотиржам бўл, болаларингнинг ҳаммаси ўқийди. «Ҳоҳламайман» дейдиганини ҳам тинч қўймайман.

Хизмат қилиб юрган Хумкалла учта коса қўйилган патнисни кўтариб кириб, уларнинг гаплари узилди.
— Кеннайи, қўшнилардан қайноқ мошхўрда чиқди. Бек ака, сизникини қатиқламадим-а?

Хумкалла шундай деб косаларни дастурхон устига қўяётганида келин юзига оҳистагина фотиҳа тортиб, ўрнидан турди-да, «Мен ичкарида ича қоламан», деб эшик томон юрди.
— Кеннайи, сизникини олаверайми бўлмаса? — Хумкалла шундай деб битта косани патнис устига қўйиб, изига қайтди.

Чувриндининг ўғли Хумкалла киришидан то чиққунига қадар унга ғалати қараш билан қаради. Асадбек буни сезиб, у ҳам Хумкаллага тикилди. Тикилди-ю, унда саросима ёки довдираш ҳолатини илғамади. Кўпроқ Чувринди билан бирга бўлувчи Хумкалланинг феълини, қилиқларини яхши билмагани учун ҳам Асадбек ҳеч нима сезмади.

Асадбек ота уйидаги паловхўрликда Жалилнинг зўри билан уч-тўрт қошиқ ош еган эди. Бошқа пайт бўлганида балки таомнинг ҳиди нафсни қитиқлаб уйғотарди. Аммо бир неча соат олдин ўлик чиққан уйда нафс уйғона олмади. Асадбек кўнгил учун қўлига қошиқ олди-да, овқатга ботириб айлантирди.
— Ич болам, совутма, — деди меҳрибонлик билан.

Чувриндининг ўғли ҳам кўнгил учун бир қошиқ ичиб опоқ дадасига қараб олди.
— Кечаси телефон қилган одамнинг овозини танидингми? — деб сўради Асадбек, косани сал нари суриб. — Мен адангларни чақирмаган эдим. Бу гап орамизда қолсин. Аянгга ҳам айтма. Овозни кимга ўхшатдинг?

Умид елка қисиб, ерга қаради.
— Айтавер, қўрқма. Бу тасодифга ўхшамаяпти. Агар адангларни... ўлдиришган бўлса... унда сен... уларни ўлдирасан. Кетган келаркан, кетмонлаган қайтиб келмас экан. Мен бу ишнинг тагига етаман. Ғаламисни топиб ўлдирмасак, аданглар биздан рози бўлмайди. Ҳаёт шунақа, Умиджон болам, эркак одам қасос учун яралган.

Асадбек ҳаёт ҳақидаги, яралиш ва ўлим тўғрисидаги, меҳр ва зулм хусусидаги ўз дунёқараши, ўз хулосаларига таяниб айтди бу гапларни. У «ал қасосул минал Ҳақ» — «қасос Ҳақдандир» деган ҳақиқатнинг маъносига етмас эди. Асадбекдай одам бу ҳақиқат мағзини чақолмаса ҳаётнинг аччиқ мевасини эндигина тотган бу йигит нима десин? Ярим тунда отасининг ўлими ҳақидаги хабарни эшитибоқ «адамни ўлдиришибди», деган хаёлга банди бўлиб қолган йигитга Асадбекнинг ҳозирги гаплари қанот берди. У отасининг мурдаси уйга олиб келиниб, ғассолнинг қўлига топширилгунича ҳам, Ерга топширилиб, то фотиҳачилар оёғи узилгунича ҳам «Ким ўлдирди?» деган саволга жавоб топмоқ истади. Кўнгил сўровчиларнинг аксари унинг кўзига қотил бўлиб кўринди ҳам. «Бандалик...» деган сўзлари йигитнинг қулоғига «Бопладик...» дегандай эшитилди. Ҳатто... «опоқ дада» деб эркалаб меҳр қўйгани Асадбек ҳам бу рўйхатга бир кириб чиқди.

Ҳозир опоқ дадасининг дардли оҳангдаги гапларини эшита туриб ундан гумонсирагани учун уялди.
— Ота-боболаримиз ҳамиша шундай қилишган, — деди Асадбек. — Биз ҳам шундай қиламиз. Агар сен билан мен эплай олмасак, укаларинг улғайганида ўлдиришади у палидни. Агар укаларинг катта бўлгунича у ўлиб қолса, ифлослиги учун болалари жавоб беради. Ҳукм шу. Бошқача бўлиши мумкин эмас. Энди айт, овозни танидингми? — Умиддан садо чиқавермагач, Асадбек унинг ҳозирги қарашига асосланиб — Хумкалла эмасми? — деб сўради.

Умид опоқ дадасига бир қараб олди-ю, ишончсизлик билан бош ирғади.
— Бўпти, бировга оғиз очма. Сен қарашингдан гумонингни сездириб қўйяпсан. Чақирган Хумкалла бўлса, чақиртирган ким? Бу ёғига аралашмай турасан.

Боланинг ташқи кўриниши отага ўхшагани билан феъли ҳамиша ҳам бир хил бўлавермайди. Умиднинг бўй-басти отасига тортса-да, қизиққонлиги ўхшамасди. Ёш йигитлардан вазминлик, чуқур мулоҳаза юритишни талаб қилишнинг ўзи тўғри эмас. Қизиққонлик барча ёшларга хос. Вақти келиб, бош турли деворларга урилиб, кўзи очилгач, унда ўша вазминлик, сермулоҳазалилик ўз-ўзидан уйғонади. Худо умрини берса, балки Умид ҳам отаси каби бўлар, валлоҳи аълам.

Ҳозир эса... Агар ҳозир Асадбек «тўғри фаҳмлабсан, отангни шу ўлдирган» деса, ўйламай-нетмай қўлига пичоқми ёки болтани олиб югуриб қолар эди. Асадбек шуни назарга олдими, ҳар нечук уни тийди.

Бола — бола-да. Асадбек «аянгга айтма», деб та-йинлаган бўлса-да, онаси «опоқ даданг билан нималарни гаплашдинг?» деб сўраганида бир озгина гуллаб қўйди. Тўғри, гумонини, қасос ҳақидаги гапларни айтмади. «Бу тасодифга ўхшамасмиш», дейишининг ўзиёқ онасини бир қалқитиб юборди.

Чувриндининг хотини бу айрилиқнинг тасодиф эмаслигини хабар эшитганидаёқ ҳис қилган эди. У бир кунмас бир кун оқибат шу бўлар деб қўрқиб яшади. Қўрқиб кутганининг юз берганини билибоқ кўз олди қоронғулашди. Бир неча лаҳза тилдан қолди. Хаёлидаги «ким ўлдирди?» деган савол булути қуюқлашди. Бу борада она-боланинг фикр-ўйлари ҳамоҳанг эди.

Умиднинг гапларини эшитиб қалқишига сабаб бўлган нарса гумонининг тўғри экани эмас, балки бу ҳақиқатдан ўғлининг хабар топиши эди. Отасининг ўлдирилганини билган қайси ўғил тинч юраркин? Ёшликнинг қайноқ қонига қасос ўти ҳарорат берса янги фалокат юз очмасми экан? Бу фалокат боласини бирон балога гирифтор этмасми экан? Шу хавотир онанинг юраккинасини ёриб юборай деди. «Опоқ даданг адашганлар. Аданг бировга ёмонлик қилмовдилар. Бировнинг адангда хусумати бўлмаган. Бу бир фалокат, бир тасодиф», деб ўғлини чалғитмоқчи бўлди. Ўзи ҳам ишонмайдиган бу гапга ўғли ишонарми экан?

Бу ҳақда ўйламади.

3

Эртасига эрталаб Асадбек яна келди. Бу сафар меҳмонхонага кирмади. Хассакашлар учун дарвозахонага қилинган жойга ўтирди. Кесакполвонни кўриб феъли бир бузилди, ранги бир бўзарди-ю, дарров ўзини қўлга олди. Худди кеча қабр тепасида туриб «Йўқол! деб ҳайдамагандай, сир бой бермаган ҳолда сўрашди. Аъёнининг «Ўзинг тузукмисан, хавотир олиб уйингга борувдим, йўқ экансан», деган саволига «Яхшиман, шукр», деб жавобни қисқа қилди. «Сен меникига борганингда мен бу ерда эдим», дейишининг ҳожати йўқ эди. Асадбек уйига қайтгач, бу ердан чиқиб қозихонага борган Хумкалла барча хабарни ҳожасига етказган, ҳатто қатиқ қўшилмаган мошхўрданинг ичилмаганини ҳам айтиб «бир нимадан хитланмадилармикин?» деб илова қилган эди. У садоқати учун ҳожасидан ширин сўз кўринишида бўлса ҳам бир мукофот кутган эди. Шўринг қурғур Хумкалла шўри қуриб қолганини, охирги мукофот ўлим шароби эканини тасаввур ҳам қила олмас эди. Умри адоғидаги сўнгги хабарини айтиб бўлган Хумкаллани Қози маишатга таклиф қилиб «ижозат беринг» деган маънода ҳожасига қаради. Кесакполвон:
— Бўпти, бугун жа-а эзадиган кун бўлди, би-ир чигил ёзди қилларинг, — деб марҳамат қилди.

Асадбек Кесакполвонга сир бой бермай ўтиргач, атрофни зимдан кузатиб Хумкаллани қидираётган паллада шаҳар чеккасидаги ахлатхона атрофида ҳамиша оч юрувчи итларнинг байрами авжга чиққан эди. Итлар галасидаги зўрлар қоринларини тўйдириб, узун тиллари билан тумшуқларини ялаб нари кетишган, заифроқлари эса Хумкалланинг сўнгги этларини суякдан айириб ейиш билан овора эдилар.

Кесакполвон ҳозирча ўз тахтида ўтирган ҳожасининг олазарак қараб қўйишларини сезди, Ҳалимжонни чақириб қулоғига шивирлаганини кўрганда сергакланди. Ҳалимжон кетгач, Асадбек аъёнини имлаб чақирди.
— Дастурхонга қараб қўйсанг бўлмайдими? — деди Асадбек бир оз зардали оҳангда. — Ўлар жойда эмасмиз-ку, ё бозорда мева-чеванинг уруғи қуриб кетибдими?
— Энди... маъракада сипороқ бўлсин, дебман-да. Ҳозир қотирамиз, — деб ўзини оқлади Кесакполвон.
— Ўтир,— деди Асадбек, — Ҳалимни жўнатдим. Сен йигирмани ўйладингми?
— Ҳа, ўн тўққиз кунда қиламиз. Маҳмуднинг ҳурмати бор, дарров ўтказиб юборсак, айб бўлар.
— Қаерда бўлади?
— Шу ерда, ҳовлиси кенг, бемалол.
— Осмонга қараб қўй-чи?
— Уч-тўртта парашют олиб келиб тўсиб ташлаймиз.
— Бўлмайди. Анҳор бўйини гаплаш. Тузукроқ қориларни айттир.
— Қориларнинг хўррозини топтираман. Ё Собитхонингни Қўқондан олдириб келайми?
— Уни безовта қилма. Сен бундан буёғига йигитларга кўз-қулоқ бўлиб тур, бевошлик қилишмасин. Аввал ҳам айтувдим, а? Эсингдами? Замонга қараларинг, нозиклашиб қолди. Қозихонангни ёпдингми?
— Аллақачон ёпиб ташлаганман.
— Ҳосилнинг боллари тинч юрибдими?
— Гаҳ, десанг қўлингга қўнадиган қилиб қўйганман.
— Ҳайдар, энди иккаламиз қолдик. Бирга бошлаган эдик, охирида ҳам иккаламиз қолдик.
— Охирида деганинг нимаси?
— Ҳамма нарсанинг охири бўлади, оғайни. Мен сенга суянаман, мени ёлғизлатма.

Асадбекнинг дардли оҳанг либосига ўраб айтган бу ёлғони худди рост гапдай эшитилиб, Кесакполвонни эритди. «Ҳа, энди ўлимини бўйнига олибди», деган фикр хаёлини бир ёритди. Асадбекнинг елкасига қўлини ташлаб, меҳрибонлик билан қучди:
— Унақа совуқ нафас қилма, ошна. Ҳали қиладиган ишимиз кўп.
— Буни тўғри айтдинг. Қиладиган ишимиз кўп...

Асадбек шундай деб аъёнига қаради. Бу қараш замирида «Сенинг ишинг тахтга чанг солиш, менинг ишим эса бошқа», деган маъно яширинганини Кесакполвон фаҳмламади.

Шу пайт хизматчи йигитлардан бири яқинлашиб, Москвадан Хонгирей сўраётганини айтди. Асадбек Кесакполвонга савол назари билан қаради-да, ўрнидан туриб, меҳмонхона томон юрди. Аъёни эса икки қадам қўйиб эргашди-ю, сўнг тўхтади. Асадбек бундан сергакланди: «Нега тўхтади? Хонгирейнинг гапига нега қизиқмади?»

Шаховскийдаги қароргоҳидан меҳмонларни кузатиб, Козлов масаласида ҳам, Асадбек масаласида ҳам муддаосига етган Хонгирей ҳол сўрагач, қайғули хабар эшитганини айтиб, таъзия билдирди-да:
— Асад, мен доимо сен билан биргаман, — деб тасалли берди.

Асадбек миннатдорлик билдиргач, қисқа суҳбат якун топди. Хабарнинг Москвага етгани ажабланарли ҳол эмас. Телефон гўшаги кўтарилса, бир-икки дақиқада ҳар қандай хабар Москва нима, дунёнинг нариги чеккасига ҳам етади. Лекин ўша гўшакни ким кўтарган, ким Хонгирейнинг рақамларини терган? «Хонгирейнинг шу атрофда изғиб юрган лайчаларими ё бағримда исиниб ётган илонлардан бирими?» — деб ўйлади Асадбек изига қайтар чоғида. — «Сен билан биргаман», деди. Ҳа, албатта, биргасан. Ўлсам ҳам сени бирга олиб кетаман».

Кесакполвон жойига қайтиб ўтирмай, дарвозахонада турган эди. Асадбекни қаршилаб кўзини олиб қочган ҳолда:
— Тинчликми? — деб сўради.
— Тинчлик, — деди Асадбек унга тикилиб, — кўнгил сўраб қўйди. Меҳр-оқибати яхши шу йигитнинг.
— Ҳар нима қилса ҳам мусулмонлиги бор-да, — деди Кесакполвон.

«Ҳа тулки, шу «мусулмон»га қул бўлмоқчимисан? Агар шу Хонгирей мусулмон бўлса, мен бўлмадим. Шунақа мусулмондан яна ўнта бўлса бу дунёда кофирнинг ҳожати йўқ». Асадбек бу фикрини ошкор қилмаслик учун ўзини мажбурлаб жилмайди-да:
— Тўғри айтдинг. Козлов деб унинг кўнглини хира қилганимиз чакки бўлди, — деди.

Ярим соатга қолмай Ҳалимжон елим челакни тўлдириб узум олиб келгач, Кесакполвоннинг гумони тар-қади. Ҳалимжон хизмат қилиб юрган йигитлар даврасига қўшилганда Асадбек уни яна имлаб чақирди. Ҳалимжон қулоғига айтилган гапга маъқул ишорасини қилди-да, кўча томонда турган Кесакполвонга яқинлашиб «Зайнабни олиб келаман», деди.

Кесакполвон «Мен ҳам қизимни олиб келсам бўларкан», деб ўйлаб, йигитлардан бирини имлаб чақирди.

Халимжон Зайнабни олиб келгач, дарров изига қайт-ди. Фотиҳачилар билан овора Кесакполвон унинг ғо-йиб бўлганини билмай ҳам қолди. Ҳалимжон бу сафар ҳожасидан олган асосий топшириқни бажариш учун кетди. Асадбек бу топшириқни эрталаб йўлда келаётганида айтиб қўйган эди. Шунга мувофиқ Ҳалимжонни ўша ондаёқ жўнатса бўларди. Лекин у йигитни икки марта чақириб, қулоғига шивирлаганда кўзи Кесакполвонда бўлди. Аъёнининг саросимага тушиш ёки тушмаслигини текширмоқчи эди, кутгани амалга ошди.

Ҳалимжон Чувриндининг жони узилган ерга бориб, ўша ердаги хонадонларда яшовчилар билан учрашиб, ўзини «милитсия ходими» деб таништиргач, «КамАЗ»дан тушиб қочган одамнинг қиёфасини суриштирди. Одамлар учун «мен милитсияданман» деган гапнинг ўзи кифоя қилди. Биронтаси ҳужжат сўрамади. Айни дамда тайинли гап ҳам айтмади. Барчалари ярим тундаги фожиадан уйғонганларини, кўчага чиққанларида «КамАЗ»да ҳеч кимни кўрмаганликларини айтишди. Фақат биргина кампир «КамАЗ»дан тушаётган паст бўйли одам қорасини кўрганини билдирди. Ҳалимжон бу маълумотни эшитиши билан тезгина изига қайтди-да, фурсат топиб туриб Асадбекка билдирди.

Бу хабардан Асадбекнинг кўзлари ёнди:
— Хумкаллани топ, нега кўринмаяпти? — деди.

Ҳалимжон яна бир соатча ғойиб бўлиб, Хумкалланинг уйида тунамагани ҳақидаги нохуш хабарни етказди. Бу янгиликни эшитган Асадбекнинг кўкрагида бир нима портлагандай бўлиб, бу портлаш кучидан ҳосил бўлган тўлқин бўғзига қадар бостириб келди. Атрофида ҳеч ким бўлмаганида «мени гўл қилиб кетишди, ан-қайиб қолдим-а», деган афсус билан пешонасига бир шапатилаган бўларди. Ўзига неча жуфт кўз тикилиб тургани учун ташвишли эмас, хуш ёқувчи хабарни эшитгандай ўзини мажбурлаб жилмайди.

Пешинда қўшнилар пишириб чиқарган ошдан бир-икки қошиқ еган бўлиб, кетишга чоғланганида Жамшиднинг машинаси кўринди. Икки уй нарида тўхтаган машинадан Жамшид тушди-ю, юрарини ҳам, юрмасини ҳам билмай тўхтаб қолди. Фожеани йўлда эшитиб, ишониб-ишонмай келаётган Жамшид бу кўчага бурилди-ю, дарвоза ёнидаги одамларни кўриб юраги увишди.

Бир неча ой муқаддам шу дарвозадан куйиб кўмирга айланган майитни олиб чиқишган эди. Тутинган укасига «аза очган» Чувринди шу дарвоза оғзида уч кун бел боғлаб турган эди. Буни Жамшид билмайди. Билгани — Маҳмуд акасининг ўрнида ҳозир Умид бел боғлаб турибди. Кеча бу ердан кўтариб чиқишгани ҳам бировнинг куйган мурдаси эмас, айнан Маҳмуд акасининг жасади... Юришга мажоли қолмаган Жамшид кўчага чиқиб келаётган Асадбекни кўргач тамом жойида қотди.

Жамшидга кўзи тушган Асадбек ҳам тўхтади-да, Кесакполвондан:
— Бунинг қаерда эди, нега кўринмади? — деб сўради.
— Ҳайронман, — деди Кесакполвон елка қисиб, сўнг Жамшид томон тез-тез юрди-да, унга яқинлашиб, баланд овозда:
— Қаерларда санқиб юрибсан, маржабоз?! — деб сўради.

Жамшид унга «қаердалигимни ўзингиз биласиз-ку?» деган маънода ажабланиб қараганида Кесакполвон пастроқ овозда «Сени мен эмас, Маҳмуд аканг юборган», деб шипшиди.

Кесакполвон орқа ўгириб тургани учун Асадбек унинг кейинги гапини эшитмади. Лекин Кесакполвоннинг бирдан у томон юриб қолганидан ажабланди. Бунақа пайтда битта имлаб қўйилса кифоя эди, Жамшид югуриб келарди...

Кесакполвонга эргашиб юриб келган Жамшид Асадбекдан бир қадам берида тўхтаб, салом бергач, «Бандалик...» деб таъзия билдирди.
— Қайси гўрларда юрибсан? — деди Кесакполвон жеркиб.
— Термизга бориб келдим, — деди Жамшид ерга боққанича.

Саволга алик олмаган Асадбек бу гапдан кейин унга ажабланиб қаради-ю, индамади. Кесакполвон «Аҳмоқ, Термизни айтиб қовун туширди-ку», деб ичида сўкиниб қўйгач, сўроқни давом эттирди:
— Термизда нима бор экан сенга?
— Меҳмонларни олиб бориб келдим.
— Қанақа меҳмон?

Жамшид ерга қаради, саволга жавоб бермади.
— Сендан сўраяпман, серраймай жавоб бер: қанақа меҳмон?
— Маҳмуд акамнинг... меҳмонлари. Уларни танимайман.
— Нимага боришибди?
— Билмайман. Битта уйга кириб чиқишди. Мен машинада ўтирувдим.

Асадбек ундаги саросимани сезса ҳам, парво қилмагандай бўлиб машинаси томон юрди. «Маҳмуднинг қанақа меҳмони бор экан, Термизга нимага боради?» деган саволга ҳар қанча уринмасин, жавоб топа олмади.

Жавобни кечқурун Жамшиднинг ўзи олиб келди.

Асадбек телефонда Манзура билан гаплашиб, унинг қайтиш ҳақидаги қароридан ғашланиб ўтирганида болохонадаги йигитлардан бири Жамшиднинг киришга изн сўраётганини маълум қилди. Жамшид қайтганидан бери «мендан нари юрсин», деган ҳукмга итоат этиб, суюкли ҳожасига яқинлашмаётган эди. Шу боис ҳам бемалол остона ҳатлаб кира оладиган хонадони эшиги олдида тўхтаб, рухсат сўради. Асадбекка унинг бу одоби маъқул келиб, «кирсин», деди.

Ҳовлига тасодифан чиққан Зайнаб дарвозахонадан кириб келаётган Жамшидни кўрди-ю, вужуди титраб кетди. Бироқ, оний саросимани енгишга ўзида куч топиб, тез-тез юрганича ошхонага кирди.

Яхшики шу дамда Асадбек дераза оша ҳовлига қарамади. Бу ҳолни кўрганида яна эски ярасига туз босилиб, Жамшид билан муомаласи бошқача бўлиши аниқ эди.

Жамшид хонага бир қадам қўйиб, салом берди-ю, тўхтади.
— Кир, киравер, ўтир, — деди Асадбек, унга рўпарасидан жой кўрсатиб.

Бу хонадонга ўғил, энг камида ука мақомида бўлган Жамшид энди худди бегонадай кириб, бегонадай омонат ўтирди.
— Термизга нима учун борганингни айтгани келдингми? — деди Асадбек заҳарли оҳангда.
— Ҳа, — деб жавоб берди Жамшид унга тик қарай олмай. — Сизга ёлғон гапирувдим.
— Билганман. Энди рост гапирмоқчимисан? Агар сени Маҳмуд юборганида мен хабардор бўлардим. Менга-ку, майли, тупурдинг, ўлган акангга туҳмат қилишга уялмадингми? Бунақа палидликни Хонгирейдан ўрганиб келдингми?
— Бек ака, мени нима қилсангиз қилинг, лекин ўша жойда шундай дейишга мажбур бўлдим.
— Кимдан қўрқдинг?
— Қўрқмадим... Рости, мени Ҳайдар акам юборган эдилар.
— Меҳмонлари ким эди, ростдан танимасми- динг?
— Сал-пал танирдим. Хонгирейнинг йигитларидан эди. Бек ака, бу ишдан латта ҳиди келиб турибди. Уларнинг нияти — қорадори.
— Қаёқдан биласан?
— Гапларидан фаҳмладим. Озгина юк ҳам олишди.
— Аҳмоқ! Қўлга тушиб қолсанг учиб кетардинг-ку, ўйламадингми?
— Иложсиз эдим...
— Қани ўша меҳмонларинг?
— Самарқандда кузатдим, Масковга учиб кетишди.
— Ҳайдар акангга ҳисоб бердингми?
— Ҳа.
— Нима учун Ҳайдар акахонингни менга сотяпсан? Ахир у бечора сенинг жонингни сақлаб қоламан, деб қаерлардан ўлик қидириб топган-а!
— Ўзингиз айтдингиз... Маҳмуд акамга туҳмат қила олмадим.
— Сени ўлимга мен ҳукм қилган эдим.
— Бу гап эсимдан чиққан.
— Ростданми?
— Эслаган куним — ўлганим.
— Яхши. Сен Ҳайдар акангдан узоқлашма. Ҳозирча битта нарсани билсанг етарли — унинг фикри бузилган, эҳтиёт бўл.
— Ҳайдар акам менга яна битта иш буюрганлар.
— Қанақа иш?
— Ҳалимни ўлдиришим керак экан.
— Ҳалимними? Нега?
— Хитларнинг одами, дедилар. Мен сал-пал ҳид олгандай бўлдим. Гапларида жон борга ўхшайди.
— Яна текшир. Хитларнинг одами бўлса, ўлиши ҳечам мумкин эмас. Сен... шу ҳафта ичи Масковга борасан, Кеннайинг билан укаларинг келишяпти, кутиб оласан.

Асадбек шундай деб «Сенга рухсат» дегандай ўрнидан турди.

Унинг «кеннайинг билан укаларинг» дейиши орадаги тўсиқни олиб ташлаб, Жамшиднинг яна энг ишончли одамга айланганидан далолат эди.

Асадбек Жамшид чиқиб кетгач, Ҳалимжон ҳақидаги гапни мулоҳаза қилиб «Хитларнинг одами бўлса, яна яхши, Ҳайдарнинг хизматини қилиб юраверади», деган қарорга келди.

4

«Гуноҳларни сиз қилдингиз-у, жабрини болалар тортишсинми?..»

Кимдир шундай деб бақиргандай бўлди.

Ҳа, Жамшид Москвадан телефон қилиб Абдуҳамид билан Абдусаматнинг милисахонада ўтирганини хабар қилган ондаёқ қайдандир шу овоз келди.

Бир неча ҳафта илгари Зайнабга «Ўзингни ос» деган маънода арқон ташлаб чиқаётганида ҳам шунга яқин гап айтилиб эди. Ундаги овоз Жалилники эди. Буниси... Манзураники!

...Гуноҳларни сиз қилдингиз-у...

Бирон марта бўлсин эрига тик қарамаган Манзура бу сафар бақирди. Умр бўйи тўпланиб, куч йиққан дарди шу онда гўё портлади. Портлади-ю, Асадбекнинг руҳини тилка-тилка қилиб юборди. Агар Манзура унга рўпара бўлиб шундай деса Асадбек илгаригидек «ўчир овозингни» деб қайириб ташлашга куч тополмасди.

«...Юкларидан қора дори чиққанмиш...»

Асадбек буни тасодиф ёки тушунмовчилик оқибати деб қабул қилмади. Илоннинг думини босиб олиб қўрқувда яшаётган одам каби Асадбек кейинги ойлар ичи Хонгирейнинг заҳар солиш онларини хавотир билан кутиб яшарди.

Манзуранинг қайтиш ҳақидаги қарори Асадбекнинг режаларини бузиб ташлади. Табиб муолажасидан сўнг Зайнабнинг ўзига келгани, Элчиннинг ҳолатидаги хавотирли онлар ортда қолганидан хабар топган Асадбекда қизини Олмонияга жўнатиш фикри қатъийлашди. У қарорини Чувринди орқали билдирганда Зайнаб «еримни бу аҳволда ташлаб кетолмайман» дебди. Асадбек бу гапдан ғашланиб Чувриндига:
— Эрини бўри ермиди, ҳужжатларини тайёрла, боради, — деди.

Ўша хунук воқеадан сўнг Асадбек гапи бўлса Чувринди орқали етказарди. Зайнабнинг жавобини ҳам Чувринди билдириб, орада холис воситачи вазифасини бажариб қолган эди. Эри яралангунга қадар Зайнаб отасига кўринмасликка ҳаракат қилди. Элчин касалхонага тушгач, асосан ота уйида яшай бошлади. Шунда ҳам ота-боланинг ўзаро муомаласи салом-аликдан нарига ўтмаётган эди.

Асадбек куёвини Абдураҳмон табибга кўрсатишни ҳам ўйлади. Фикрини айтганда Чувринди маъқуллаб:
— Табиб кўриб қўйганидан кейин Элчинни ҳам бирга юборсакчи? У ёқда зўр дўхтирлар бор, — деди.
— Йўқ, — деди Асадбек бош чайқаб. — Дўхтири зўр бўлса зўрдир, лекин янги қудаларга «куёвимни тузатиб беринглар» деб юбораманми? Қўй, Абдураҳмон табиб ҳар қанақа касални тузатиб юборади.

Чувринди Зайнабнинг ҳужжатларини тайёрлаб қўйган эди. Агар ўлим ғолиб келмаганида эрталаб бориб идорадан ҳужжатларни олиб чиққан бўларди. Унинг ўлимидан сўнг ҳам Асадбек Зайнабни жўнатиш фикридан қайтмади. Манзуранинг ногаҳоний қароридан шунинг учун ҳам аччиқланди.
— Зайнабни жўнатаётган эдим-ку? — деди бўғи-либ.
— Вой адаси, қудаларингизга айтиб қўйдим. Зайнаб кейинроқ келиб кетар.
— Ҳей!.. — Асадбек «онангни...» деб бир «ширин» гапини айтмоқчи бўлди-ю, ўзини тийди. — У ер амма-холангнинг маҳалласими, Зайнабинг бугун бўлмаса эртага лип этиб бориб келаверадиган...
— «Бўпти, билганингни қил». — Асадбекнинг шундай деб чекинишдан ўзга чораси йўқ эди.

Билганини қилди хотини.

Оқибат бу...

Шунинг учун донолар «хотиннинг гапига қулоқ солу тескарисини қил», деб айтишгандир...

Асадбек аввалига Манзурани айблади. Кейинроқ, ҳовури босилгач, ўзининг калтабинлигини тан олиб, барча айбни ўз елкасига олди. «Манзура бечора тағин ҳам чидаб турди у ерда. Бугун бўлмаса эртага барибир қайтиши керак эди. Ўлганимдан кейин шунақа қоп-қонга тушса ким қутқаради?..»

«Ўлганимдан кейин...»

Ўлганидан кейин ҳам Хонгирей уларни тинч қўймайдими? Хонгирейга нима керак? Асадбекнинг ўлими эмасми? Асадбек уруғи билан қирилиб кетиш даражасида гуноҳ қилибдими? Хўп, Козлов масаласидаги ўжарлиги дуруст бўлмади. Хонгирей «йўлимдан қоч», деганида нари турса олам гулистон эди. Бунда гап фақат ўжарликда эмас. Орада Козлов билан аҳднома бор эди, Асадбек бу аҳдга хиёнат қилиб паст кетишни истамади. Бугун Козлов масаласида чекинса, эртага бошқа ишда қуллуқ қилиб турса Хонгирейнинг уни эшакка айлантириб миниб олиши ёки бошга чиқиб истаган номаъ-қулчилигини амалга ошириши мумкинлигини ҳам ҳисобдан чиқармаган эди.

Ҳосилнинг ўлими учун ҳисоб бериши керакми? Ахир уни Хонгирейга ўчакишиб ўлдирмади-ку? Ҳосил ўлимни ўзи сотиб олди-ку? Фақат беномус отагина Ҳосилнинг қилиғига чидаши мумкин эди. Агар ана шу номус қасоси учун жон бериши шарт бўлса — Асадбек тайёр!

«Хонгирей... дардинг бўлса эркакчасига дангал айтмайсанми? Найрангга бало борми? Ёки... дард чекиб инграганимда роҳат топасанми? Ундан кўра ўлдириб, жасадимни ёқиб, шу олов тафтида қўлингни иситиб маза қила қолмайсанми, номард!..»

Москвага учадиган учоқ ердан кўтарилгунича шу каби хаёллар қуршовида бўлган Асадбек Хонгирей билан учрашажаги аниқ эканини биларди, фақат қаерда, қай ҳолда кўришажаги хусусидаги тасаввури алдамчи эди. Хонгирей тайёрлаб қўйган найрангларнинг навбатдагисини у етти ухлаб бир тушида кўрмас эди.

У ёруғлик оламидан тобора зимистон дунёсига кириб, ана шу зулумот қаъридан ёруғликни умид қилиб борарди.

Ўғилларининг юклари орасидан чиндан ҳам қора дори чиққан бўлса, қўрққулик эмас. Бир неча кунда бўлмаса-да, узоғи билан уч-тўрт ҳафтада чиқариб олишга ишонади. Аммо бу Хонгирейнинг иши бўлса... чораси қийин. Томирида иблис қони оқувчи кимса ҳам Хонгирей даражасида бешафқат бўлмас. Асадбек ўғрилар оламида «Княз» деб ардоқланувчи бу одамнинг қилиқларини эшитиб юрарди, бироқ, ғилай Шомилнинг калласини қутига солиб юборганини билгач, ундаги бешафқатлик даражасининг чегара билмаслигига амин бўлди. Қонундаги ўғриларнинг «Ўғридан бошқа ҳеч ким инсон тақдирини ҳал қилиш ҳуқуқига эга эмас», деган ақидасига содиқ ҳолда иш юритувчи Хонгирей Асадбекнинг, унинг ўғилларининг тақдирини қандай ҳал этар экан?

Учоқ булутлар бағрини ёриб юқорига кўтарилар маҳалда қаттиқ титради. Бунақа пайтда ҳар қандай одам Худони эслаб қолади. «Ўзинг асрагин, Тангрим, фалон-фалон гуноҳларни бошқа такрорламайман», деб тавба қилади, онт ичади. Учоқ титроқдан тўхтаб, оҳиста уча бошлагач, тавба ҳам унутилади, Худо ҳам. Кўп каби Асадбек ҳам шундай эди. Ҳозир ундай бўлмади. Учоқнинг қулашидан, ўзининг ўлимидан қўрқмади. Аксинча, «бу кунимдан ўлиб кетганим минг марта яхши эмасми?» деган фикр уни карахт қилиб қўйди.

Ёши элликдан ошибди. Қанчадан қанча нарсаларни кўрибди. Қизиқ... Нималарни кўрди? Ўйлаб қараса, ҳеч нимани кўрмаганга ўхшайди. Рўпарасида зулмат, ортига ўгирилиб қараса, қоронғу бўшлиқ. Фақат уқубат учун туғилган одам ҳам у каби уқубат чекмаса керак... Қоқ суяк топган ит ҳам ўзини бахтли ҳис қилар балки. Шунча бойлиги бўла туриб нима учун Асадбек бахтсиз?..

Ҳар бир одамнинг бахт дарахти ўзига алоҳида бўлади. Бу бахт дарахтини бойлик булоғи суви билан суғориб мева олмоқчи бўлганлар янглишадилар.

Асадбек ана шу адашувчилардан бири эди.

Фақат иймон булоғидан сув ичган бахт дарахтигина ширин мева беришини ҳамма ҳам англаб етавермайди.

Асадбек ана шу англамаганлардан бири эди.

Зулм булоғидан сув ичган бахт дарахти қиёматда заққум дарахтига айланажагидан барча хабардорми?

Асадбек хабардор бўлмаганлардан бири эди.

Учоқ титроғи тиниб, булутлар устига чиқиб олган онда икки қатор олдиндаги ўриндиқда ўтирган одамга Асадбекнинг кўзи тушиб, юраги бир ҳаприқди. Бошига дўппи кийиб олган бу одам ён томондан Собитхонга ўхшаркан.

Асадбек ўзининг сиҳати, ташвишлари билан андармон бўлиб уни йўқлай олмаган эди. Ҳозир шу дўппили кишининг чиндан ҳам Собитхон бўлиб қолишини истаб, унга қайта-қайта тикилди. У киши ортидан кимнингдир қаттиқ тикилаётганини сездими, бир-икки ўгирилиб қаради. Дўппили бу кишининг ҳам соқол-мўйлови бўлса-да, юзида Собитхон юзидаги нур йўқ эди.

Шу киши баҳона бўлиб, Асадбек Қўқондаги шифохонада бўлган суҳбатни эслади:

Икки юз йил умр кўрган одам: «Балоли йиллар, фаровон йиллар... кун ўтади, тун ўтади. Туққан туғади, ўлган ўлади. Туққан туғмасайди мавжудот тугарди. Ўлган ўлмасайди — Ер юзи ундагиларга тор бўлиб қоларди», деган экан.

Ҳа... Ўлганлар ўлиб турибди. Лекин шунда ҳам Асадбекнинг назарида, кенг дунё жуда тор бўлиб кетаётган эди. Тор бўлмаса, салкам беш миллиард одам сиққан шу дунёга Маҳмуд сиғмасмиди? Дунё биргина шу одамга торлик қилдими?.. Дунё янада торайиб, энди кимларни сиқиб чиқаради экан?

«Бек ака!..»

Ёнидаги одам Собитхоннинг овози билан чақиргандай бўлди. Асадбек беихтиёр равишда унга қаради: бурнига кўзойнак қўндириб газетага мук тушиб ўқияпти.

Овоз эса яна такрорланди:

«Бек ака... Яхшилаб ўйлаб қаралса, бу дунё ҳаётидан тубанроқ нарса йўқ. Дунёни йиқилишга юз тутган деворга ҳам ўхшатишади.

Деворнинг йиқилажагини билган ҳолда унга суянамиз, а? Дунё ҳаётини сирпанчиққа ҳам ўхшатишади. Бу сирпанчиқда ҳеч кимнинг оёғи собит турмайди... сирпаниб яшаймиз... Кейин эса... сўнгги зиёратгоҳга қараб жўнаймиз. Сўнгги зиёратгоҳимиз — қабр. Бу зиёратгоҳни ҳеч эсламаймиз, эслагимиз ҳам келмайди. Ажални унутишда бир-биримизни ортда қолдириб кетамиз...»

Қўқон шифохонасидаги ўша учрашувдан сўнг кўп ойлар ўтди. Красноярда юрганда, айниқса хасталик ўлим дарвозасига ҳайдаб келган кунларда Собитхоннинг гапларини кўп эслаган эди. Кейинроқ ўлим остонасидан қайтиб, умид дарвозасига етганда ибодатдан йироқлашгани каби бу гапларни, Абдураҳмон табибнинг гаплари қаторида, эслашдан узоқлашди.

Ер билан осмон орасида эслаши...

Осмонда нима бор?

Ерда нима қолди? Бир-бирларини бўридай ғажийдиган одамларми?

Шу савол хаёлига урилиши билан қулоғи остида Анварнинг гапи жаранглади. Ҳа, айнан ўша овоз, айнан ўша гап:

«Бўридай десангиз бўрилар хафа бўлишармикин? Бўрилар аҳил яшашаркан...»

«Бўричалик ҳам ақлимиз йўқ, — деб ўйлади Асадбек. — Бу дунёда сирпаниб яшарканмизми? Мен сирпана-сирпана шу ҳолга келдимми? Энди сўнгги зиёратгоҳ қолдими? Йўқ, ҳали вақт бор... Биламан, Маҳмуд у дунёда кимнидир оловли гуллар билан кутиб турибди. Аввал ўша гул эгасини топиб, жўнатай...»

Асадбек зулм либосига ўралган ниятини қандай амалга оширишини ўзи ҳам яхши билмайди. У бир йил аввалги Асадбек бўлганида зулматли олам ичра бу қадар сарсари кезмасди. Аравалар отлардан олдин чиқиб кетган замонда бир қаноти қирқилган, иккинчиси эса хиёнат қилган қуш баланд уча олармикин? Ўлжага дадил ва бехато човут сола олармикин? Ҳеч бўлмаса ўзини ҳимоя эта олмоққа куч топармикин?

Бир қанотнинг қирқилиши кутилмаган ҳол бўлди. Аммо иккинчи қанотнинг хоинлиги тасодифми? Бир қанотнинг қирқилишига сабаб бўлган иккинчи қанотнинг хоинлиги қачон бошланди? Ўзини зийрак ва сергак деб ҳисобловчи Асадбек нечун бу ҳолни пайқамай қолди?

Қимор ўйнаб юрган кезларида рақибининг қарта тутган бармоқларига, жавдираган кўзларига қараб ғирром ўйин бўлаётганини фаҳмлаб оларди. Бу ўйиндаги ғирромликни нечун сезмади?

Бир куни Кесакполвон Асадбекка:
— Укангнинг танобини тортиб қўй, менинг илдизимга болта ураман, деб овора бўлмасин, — деган эди.

Шунда Асадбек юмшоқроқ оҳангда:
— Ҳаммамизнинг илдизимиз бир, болта урилса, баравар қуриймиз, — деб жавоб берган, Кесакполвон эса, қўл силтаб, зарда билан:
— Сен ҳам укахонингнинг гапларини айтяпсан, — деган эди.

Кесакполвон хиёнат кўчасига шундан сўнг кирдими ё у дамда кириб бўлгандими?

Асадбек Абдураҳмон табибникида шифо умидида юрган кезлари ўзи барпо этган олам қасрининг ёрила бошлаганини сезиб, «бу офат қачон бошланди?» деган саволига жавоб излаган эди. У Зайнабнинг ўғирланиши барча ташвиш эшикларини очиб юборди, деган тўхтамга келиб эди. Бу дунёда дунё умидида юрган кўп ғофил бандалар каби Асадбек ҳам Яратганнинг «Ябна Одама! Иза раайта-л-ғинаа муқбилан аълайна. Фақул занбун аъжилатун уқубаътуҳу»[3] деган хитобидан бехабар эди. Хабардор бўлганида ҳаёти ипларининг чигилини ечишда бу қадар қийналмас эди.

Бойлик ҳам келди, унинг изидан гуноҳ ҳам ҳаялламади.

Азоб-уқубат ва жазо ҳам нақд бўлди...

Ғофил банда буни билмайди.

Муҳрланган қалб кўзларнинг нурини ҳам олиб қўйган.

Кўзлар очиқ, аммо оёқлар остидаги вайл чўғларини кўрмайди.

Бунинг ўрнига энг яқин аъёни бўлиб келган хиёнатчи қанотнинг хиёнатларини ўйлайди. Ўйлай-ўйлай хиёнат кўчасига бурилиш нуқтасини ўзича топгандай бўлади ҳам.

Зайнабнинг ўғирланишини ундан гумон қилмайди. Аммо тўйдан сўнг Элчиннинг кўчасига йигитларни қўйганида «Кимдан қўрқасан, — Асадбек чумчуқ пирр этса, юраги ширр этадиган бўлиб қолибди, деган иснодга қолмоқчимисан?» деб қайтарди. Асадбек «Тўғри, энди кимдан чўчийман?» — деб унинг гапига кириб аҳмоқлик қилди. Кейин Бўтқани масъул қилиб кўчага пойлоқчи қўйди, аммо бу тадбири уй ёниб бўлганидан сўнг сув сепиш каби бир чора эди.

Асадбек ўша нуқтадан то ўғилларининг бугунги қисматига қадар бўлган гап-сўзлар, воқеаларни хаёл чиғириғидан бир-бир, қайта-қайта ўтказиб кўрди.

Бир жанг аввалида мунажжим соҳибқирони акбарга «юлдузлар бу кунингизни шарафлашмаяпти», деганида у зот «Биз ўз ғалабамиз билан бу кунни шарафлагимиздур», деган эканлар. Агар мунажжим пайдо бўлиб Асадбекка шу мазмунда бир гап айтса, у шарафли кунга ишонч билан қадам қўя олармиди?

Ҳолбуки...

Тун хунук фожиага ҳомиладор бўлиб, кун уни туғишга тадорик кўрарди.

Учоқ ерга қўнганида қуёш бош кўтараётган эди. Ёруғлик ваъдасида кўтарилаётган қуёшми бу ё мажҳул сароб — ҳеч ким билмасди.

V боб

1

Зулмат...

Ҳа, зулмат эди.

Нафас олди-ю, нафас чиқаришга улгурмади. Худди бирданига чироқ ўчирилгандай бўлди. Зулмат қандай бостириб кирганини сезмай қолди. «Ана энди ўлдим», деб фикрлашга ҳам улгурмади.

«Қассоб» қўлида асир эканида «Бу жинни бу балони портлатиб юборса, ўлар олдидан оиламга бир оғиз ҳам гапиролмай кетаманми?» деб афсусланган эди. «Келиб-келиб шундай ўлим менга насиб қиладими-я? — деб ўйлади маёр Солиев. — Уйда ҳеч бўлмаса уч-тўрт кун оёқни чўзилтириб ётиб, бола-чақага васиятни қилиб, сўнг жон беришнинг ҳам гашти бор экан-да, а?»

Айтадиган гаплари кўп ҳам эмас, болаларига «онанг-ни ҳурмат қилларинг, ҳалол еб, ҳалол яшаларинг», дейди. Отаси унга шундай васият қилиб эди. Отасидан ошириб у нима дея оларди?

Аслида бу гапни кунда бўлмаса-да, тез-тез айтади. Аммо ўлими олдидан айтса у оддий гап мақомидан чиқиб, васият мартабасига кўтарилади.

Хотинига ҳам кўп гапирмайди. «Келининг билан ҳадеб ўчакишаверма, бечорани эзаверма», дейди халос.

Аслида бу гапни ҳам кунда бўлмаса-да, тез-тез айтади. У айтишдан чарчамайди, хотини ўз билгича яшашдан ҳоримайди. Солиев қайнона-келин можаросига пойдевор бўлгувчи, кўпчилик эътибор бермайдиган бир сабабни аниқ билади: унинг хотини ҳам кўп оналар сингари ўғлини келинидан қизғанади. Йигирма йилми ё ундан кўпроқми ҳамиша қанотида юрган фарзандининг хуфтондан сўнг «ғойиб» бўлишига аввалига кўниколмайди, кейин-кейин эса чидолмай қолади. «Қизил оёқ келиб, қизил юздан жудо қилди», деган мақолнинг айнан ўшандай «қизғанчиқ» оналар тўқигани бежиз эмаслигини Солиев англайди. Гаплари шамолга соврилишини билса-да, танбеҳ бераверади.

Жон чиқиши олдидан сўнгги бор айтса бўларди. Аммо энди буниси оддий гап мақомидан чиқиб, васият мартабасига кўтариларди. Нодон хотини ҳеч бўлмаса, бир-икки ҳафта васиятга амал қилар ахир. Сўнг қизғаниш олови янада баттарроқ аланга олар. Олдинлари ёнида эри бўларди, ёлғизлик музхонасининг совуғи унга камроқ сезиларди. Эри ўлгач, музликлар аро ялангоёқ, яланғоч қолгандек бўлади. Тонгга қадар азобланади. Азобнинг аламини кимдан олиши эса тайин...

Темир йўл бекатида кўкрагига бомба босилган ҳолда ночор турган маёр Солиев айтолмайдиган васияти баҳонасида шуларни ҳам ўйлаши кимгадир ғалати, балки ишончсиз туюлиши мумкин. Ҳолбуки, ғалат ҳолатларда ғалат ўйларнинг фикрни ёритиб ўтиши мутлақо ғалати эмасдир. Агар Солиевнинг ўрнида бир неча соат аввал «Қассоб»нинг ўқидан жон берган милитсионер йигит бўлганида бошқача ўйлаб, ўзгача васиятни фикр қиларди. Агар унга «ҳозир «Қассоб» сени отиб ўлдиради, васиятингни айтиб ол», деб имкон берилсами, биринчи галда ҳомиладор хотинига қараб: «Мендан ке-йин турмушга чиқсанг, болани «детдом»га берма, ота-онамга қолдир», демоғи шубҳасиз эди. Бироқ, унга бундай имкон берилмади, васиятсиз кетди. Солиевнинг ўйларида жон бор: васиятни айтиб, сўнг жон бериш ҳам ўзига яраша бир бахт — Тангрининг буюк марҳаматларидан бири...

Зулмат қаърида эканида ҳаёт ва мамот, васият тўғрисидаги ўйлар уни безовта қилмайди. Зулмат пардаси тешилиб, ойдинликнинг заиф нури қоронғулик билан олиша бошлаганида ниманидир сезди, қандайдир товушни эшитди. Ҳатто нималарнидир кўргандай ҳам бўлди. Аммо сезгани, эшитгани, кўргани нима эканини идрок эта олмади. Қулоқларига кираётган товушлар нотаниш, димоғига урилаётган ҳид ҳам бегона эди.

Кейин...

Ҳа, кейин «Қассоб»ни кўрди. Ҳамма ёғи қонга беланган «Қассоб» аввалига даф қилиш мақсадидами, у томон бостириб келди.

Солиев ётган ерида қимирлай ҳам олмади.
— Қорним очди, — деди «Қассоб». — «Чучвара егим келяпти. Лекин сенинг гўштинг чучварага ярамайди. Эркак гўштини ейиш — менинг принтсипимга тўғри келмайди...»

Темир йўл бекатида чангалида бомба ушлаб турганида ҳам шундай деган эди. Бу гапни эшитиб Солиев «Шу тавиянинг ҳам принтсипи бор-а...» деб ўйлаб ғаши келган эди.

Ҳозир ҳам шундай ўйлади. Бир нарса демоқчи эди, тили айланмади. Ғудранди.
— Ҳали ҳам ўлганинг йўқми? — «Қассоб» шундай деб энгашган эди, Солиевнинг кўкрагига қон томди. Томчи қон қайноқ сув каби этини куйдириб, азоб бера бошлади.

Кутилмаганда «Қассоб» тисарилди. Кутилмаганда Солиев қувватга кириб, қаддини ростлади. Буни кўрган «Қассоб» қоча бошлади. Солиев қувмоқчи бўлди: негадир қуш каби енгил учди.
— Тўхта, қочма, нега қочяпсан? — деб бақирди.
— Қувлама мени, барибир ета олмайсан.
— Тўхта, гапим бор сенда.
— Гапларингга бир кеча камлик қилдими? Сен билан бир тун бирга бўлдим. Энди ўлгунингча мени эслаб юрасан. Ўлгунингча мени қувлайсан. Қувлаш жонингга тегиб ҳам кетди.

Шундай деб «Қассоб» ҳам уча бошлади. Охири кўринмай кетди. Йўлда қонли излар қолди.

Шундан сўнг кўзларини очди.

Қаерда эканлигини билмади. Кўргани — оппоқ шифт унга қаерда эканини англатмади. «Қассоб»ни қува-қува етиб келганим шу ерми, деган ўйда бир неча фурсат кўзлари бақрайганича қотди. Нотаниш товушлар ҳам тинди. Сукунат жарангидан қулоқлари шанғиллади. Кўп қатори у ҳам «Сукунат — жимлик демакдир» деб ҳисоблар эди. Аммо ҳозирги аҳволида сукунатдан қулоқлари қоматга келди. Сукунат шовқинини даф этмоқ учун қулоқларини кафтлари билан беркитмоқчи бўлди, бироқ қўллари унинг ҳукмига бўйсунмади. Билаклари оғир тошга боғлаб қўйилгандай кўтарилмади. Шунда қотиб қолган нигоҳи ҳаракатга келди. Унга хиёнат қилмаган жони аввалига киприкларини ўйнаб пирпиратди. Сўнг шифтга қадалган нигоҳ аста пастлади. Дастлаб кўрга-ни — тўнтариб қўйилган дори шиша идиш пўкагига уланган шаффоф ичак бўлди. Шиша идиш ичидаги яримлаб қолган заъфарон суюқлик қайнашни бошла-ётгандай дам-бадам пуфакча чиқариб қўяди. Маёр Солиев ана шу пуфакчаларни санаётгандай тикилиб ётди.

«Касалхонадаманми?»

Саволига заъфарон суюқлик оқиб ўтаётган шаффоф ичак жавоб берадигандай нигоҳини юқоридан пастга томон туширди. Бироқ, кўзлари ичакнинг қаерга қадалганини кўролмади. Шундан сўнг бошини аста ён томон буриб, қўшни каравотда ётган одамни кўрди. Ҳаракатсиз ётган одамнинг тирикми ё ўлик эканини билмади. Унинг тепа томонидаги тўнтарилган шиша идишда пуфакчаларни кўргач, қўшниси ҳали ҳаёт эканини англади. «Ким бу? — деб ўйлади у. — «Қассоб»ми? Шунча отишмадан сўнг ҳам тирик қолдими?» Хонадаги ёруғлик етарли эмасмиди ёки Солиевнинг кўзлари хиралашганмиди, ҳар ҳолда тикилгани билан ён томонда ётган одамни таний олмади.

Бу орада эшик очилиб, ҳамшира кирди. Солиевда ҳаёт нишонасини кўриб, унга яқинлашди-да, ҳеч бир сўз айтмай, ўзини зўрлаган ҳолда жилмайди.
— Қаердаман?

Бу сафар ҳам овози чиқмади, фақат лаблари аста қимирлади. Ҳамшира лабларнинг қимирлашидан саволнинг мазмунини уққандай, ўша сохта жилмайишини канда қилмаган ҳолда майин кафтини унинг пешонасига қўйиб:
— Хавотирланманг, кризис ўтди, — деди. Кейин далда берувчи оҳангда қўшиб қўйди: — балки эрта-индин реаниматсиядан умумий хонага олишар...

«Кризис...», «Реаниматсия...»

«Зулмат — кризисмиди? Менга нима бўлди ўзи? — деб ўйлади Солиев — Бомба портламаган эди. Йигитлар киришганди. Балки ўшандан кейин портлагандир? Ёнимдаги яраланганлардан биттасими? Бошқалари қани?»

Тили гапга айланиб, буларни сўраганида ҳам ҳамшира жавоб қайтара олмас эди. Ҳамшира ён томондаги беморнинг ҳолидан хабар олгач, чиқиб кетди. Ҳамшира киргач, қайси бир бурчакка биқиниб олган сукунат у чиқиб, эшик ёпилиши билан яна хонага ўз ҳукмини ўтказа бошлади. Солиевнинг бахтига бу сафар қулоқлари шанғилламади. Аҳён-аҳёнда даҳлиз томондан соатнинг чиқиллашини эслатувчи узуқ-узуқ, ожиз-ожиз товуш сукунат ҳукмига зарба бериб турди. Хаёллари аста-секин тиниқлаша бошлаган Солиев зулмат дунёсига кириш арафасидаги воқеаларни эслади.

2

Солиев жиноятчиларнинг изларидан тушган пайтларида кўп тунларни бедор ўтказган, бироқ, «Тун» деб аталмиш вақт бирлигининг бу қадар узун, бу қадар оғир-вазмин бўлишини сезмаган экан.

«Қассоб» ҳам, Солиев ҳам, атрофда сергак турган йигитлар ҳам «Тезроқ тонг ота қолсайди» деб кутишарди. Гўё бу машмашага тун айбдору, отажак тонг барча балоларни даф этадигандай эди.

Ўлим ёки ҳаёт дарагини бермоғи лозим бўлган тонг ҳам отди.

«Қассоб» чала бўғизлаб қўйилган ҳўкиз товушида бақириб, яна талабларини такрорлади. Бу томон ваъдани яна қуюқ қилди. Талаб ва ваъдалар қачонга қадар давом этажагини, қандай якун топажагини ҳеч ким билмасди. Ҳамма қандайдир бир мавҳум тасодифга умид қиларди.

Солиев ваъда бераётганлардан ҳам, атрофда кузатиб турганлардан ҳам ранжимас эди. Чунки бу муаммонинг ечимини ўзи ҳам билмасди. Билганда-ку, «шундай-шундай қилинса — олам гулистон» деб ғазабланса ҳам арзирди.

Юракни эслатувчи муштдеккина темир неча соатдан бери неча-неча юракларни беҳаловат тепишга мажбур қиларди. Портламай қолса-ку, барча масала бир нафасда ҳал бўлади-қолади. Тонгга яқин ҳолдан тойган Солиев бомбанинг портлаб кетишини ҳам истади.

У томон ҳеч қачон талабни бажармайди. «Қассоб» эса ўзича инсофга келмайди. Шундай экан, нимадан умид қилмоқ мумкин?
— Ҳа, фараон, чарчадингми? — деди «Қассоб» унинг ҳолини англагандай.
— Чарчашимнинг бировга фойда-зиёни йўқ. Ўзинг чарчаганга ўхшайсан. Бармоқларинг титраяпти. Қўйиб юбора қол ўша зормандани.
— Чарчабсан, фараон. Ўлимни бўйнингга олдингми, демак, тамом бўлибсан. Иштонинг қуруқми ишқилиб? Ҳар ҳолда ҳўл иштонда ўлсанг шерикларингга кулги бўласан. Мен сенга бир яхшилик қилай: иштонинг қуригунича кутаман. Икки соат олдин ўламанми ё кейинми, менга барибир. Сен, — «Қассоб» истеҳзо билан тиржайди. — «мардларча ҳалок бўлсанг» битта медалга илиниб қоласан.

Солиев индамади. У «Қассоб» бақираётган пайтда талабларидаги қатъийликнинг сусайганини сезган эди. Ҳозир гапириш оҳангининг ҳам тундагидан фарқ қила-ётганини фаҳмлади. Фақат бу ўзгариш сабабини билолмади.
— Фараон, — деди «Қассоб», — қара, атроф ёришиб қолди. Лекин қуёш кўринмаяпти. Мен қуёшсиз кунни ёмон кўраман. — «Қассоб» шундай деб пича сукут сақлади-да, сўнг таъкид этди: — Жуда ёмон кўраман.

«Қассоб» тўғрисини айтган эди. У болалик чоғларида денгиз қирғоғида ўтириб қуёш чиқишини томоша қилишни яхши кўрарди. Онасининг маишатига халал бермаслик учун кўчага чиқиб кетганида у кўпинча қирғоққа борарди. Тўлин ой нурининг тўлқинчалар билан ўйинига узоқ-узоқ тикиларди. Сўнг эса қуёшни кутиб оларди. Тўлқинчалар юзини силаган ой нури қанчалик мафтункор бўлмасин, уфқни титратиб кўтарилган қуёшнинг ўзгача латофати бор эди. Боланинг назарида табиат чиройини очиб юборган қуёш унга янги кунда ширин ваъдалар бераётгандай бўларди.

«Бугун отанг қайтиб келади», дер эди Қуёш.

«Энди сени ҳечам ташлаб кетмайди», — деб ишонтирарди Қуёш.

«Онанг энди бегоналарни бошлаб келмайди», — деб ваъда қиларди Қуёш.

«Энди тунлари кўчаларда санқимайсан», — деб умид чироғини ёқарди Қуёш.

«Бугундан бошлаб сени биров «шилтанинг боласи» деб камситмайди», — деб ҳимоясига оларди Қуёш.

Ўзининг онгида туғилган бу ваъдаларга бола ишонарди.

«Отам қайтиб келса ҳам, тунларда санқимасам ҳам, барибир сени кутгани тонгда келаман», деб ҳам ваъдалар берарди.

Булутли тонгларни эса ёмон кўрарди.

Онаси «Отанг кимлигини ўзим ҳам аниқ билмайман», деган рост гапни шубҳасизки, айтмас эди. Шу боис «отанг бизни боқа олмай ташлаб кетган» деган ёлғонга бола ишонарди. Қуёшни кутаётган маҳалларида пул топиш, бойиб кетиш йўлларини изларди.

Бир куни ўртоғига юрагини ўртаётган орзуларини айтди:
— Пулни нима қиласан, машина оласанми? — деб сўради ўртоғи.
— Йўқ, отамни топиб, уни боқаман.
— Нега? — деб ҳайрон бўлди ўртоғи.
— У бизни боқолмай ташлаб кетган экан. Эркак кишининг бундай қилиши — номардлик. Номардлик жазосиз қолмаслиги керак. Мен уни боқиб жазолайман. Ҳар тишлам нонни тишлаганида мени ташлаб кетганидан уялади, афсусланади. Афсусланиб, афсусланиб, юраги сиқилиб қийналади. Қийналиб-қийналиб, охири ўлади...

Норасидалик чегарасидан ўтган ўсмирнинг истаги шу эди. У фақатгина Худога маълум бўлган онасини жазолашнинг турли усулларини мўл қўйган эди. Тасодиф туфайли отасини топиб, ўйлаб қўйган жазолаш усулларидан бири қўлланилган тақдирда ҳам у болани айблаш жоиз бўлармикин? Ҳар ҳолда валади зинодан яна нималарни кутмоқ мумкин?

Унинг мурғак қалби, кирланишга улгурмаган онги фарзандини ташлаб кетмоқлик номардлик эканини фаҳм этарди. Номардлар қандай усулда бўлмасин жазо топмоқликлари шарт, деб ҳисобларди. Ўшанда ўртоғига жазонинг охири нима билан якунланишини айтмовди. Унинг режасича, отаси «афсусланиб-афсусланиб» ўлгач, тобутга солиб кўмилмайди. Балки, жасади крематорийга топширилиб, куйдирилади. Унинг кули бир қутичага солинади, сўнг музейга топширилади-да, тагига «Номард отанинг кули» деб ёзиб қўйилади. Буни кўрган эркаклар оқибатни ўйлаб қоладилар ва фар-зандларини ташлаб кетмайдилар.

Болалик тасаввури шундай эди. Болаларини ташлаб кетувчиларнинг ҳаммасига шундай жазо қўлланилса, музейларда жой етишмай қолишини у ўйлаб кўрмаганди.

Болалик орзулари ўттиз кунлик ой нури каби унга хиёнат қилди — зулмат қаърига сингиб кетди.

Аммо... қуёшга бўлган муҳаббати сўнмади.

Булутли тонгга бўлган нафрати ҳам сусаймади.

Зотан...

Унинг бутун умри булутли тонг каби эди.

Шубҳасизки...

Умри адоғи айнан шундай булутли кунда бўлажагини у билмас эди.

Қуёшли тонгни суйган бола умри адоғида қуёшни бир мартагина кўрмоқ илинжида кўз юмади...

Болалигида тонг қуёши уни алдарди.

Алҳол, унинг қуёши хиёнат қилди. Сўнгги нафасида бир қараб олишни истамади.

Қуёш-ку... балки истагандир. Бироқ, заҳарли булутга чирмалган умри эвазига бу бахтдан маҳрум этилгандир...

У отасининг жасадини куйдирмоқни ният қилган эди. Нияти ўзига насиб этади...

Унга қадар эса...

Чангалида бомбани ушлаганича, ҳазин овозда:
— Қуёшсиз кунни ёмон кўраман, — деди.

Маёр Солиев унинг овозидаги хазинликни сез-ди-ю, «ишқилиб бу ўзгариш яхшиликка бўлсин-да», деб ўйлади.
— Фараон, сен Худога ишонаман, дединг, а? Шайтонга-чи? Шайтонга ишонасанми?

Солиев дарров жавоб бермади. «Қассоб» ҳам «тез бўл!» деб қистамади. «Агар бу дунёда шайтон бўлса, бу сенсан», деб ўйлаган Солиев фикрини сиртига чиқармади. Илоҳий туйғулардан маҳрумлиги боис руҳлари ўлик, ҳайвоний ҳислари эса қувватли бу одамга нисбатан шу гаплар айтилса, балки шайтон алайҳилаъна ранжирмиди... Иблис «Қассоб»ни ҳидоят йўлидан адаштиргани рост, Худога бегона қилгани тўғри, хийлалари тўрига ўрагани, васвасалари гулханида қовургани айни ҳақиқат. Бироқ, иблиснинг ўзи хотинларни ўлдириб, гўштларидан чучваралар тугиб емагандир... «Энг ширин чучвара сен маишат қилган жувоннинг гўштидан бўлади», деган хийласига ишонтира олган иблис ҳозир «Қассоб» лақабли бандасининг қонларини кўпиртириб қандай васваса қиляпти экан? Ёки «мана, охирги манзилингга эсон-омон етиб келдинг, энди мен сенга дўст эмасман», деб қочиб қолдими?

Ажаб... «Қассоб» умрининг сўнгги соатларида нечун қадрдони шайтонни эслаб қолди? Қизиғи шуки, шайтон етовида юргувчилар ҳамма вақт ҳам ўз йўлбошчиларини эслайвермайдилар.

Бир озлик сукутдан сўнг «Қассоб» қадрдонини нима сабабдан эслаганини маълум қилди:
— Мен шайтонга ишонаман, — деди у. — Билиб қўй: барчаларимизнинг хўжайинимиз шайтон бўлади. Менинг шайтоним бақувватми, демак, мен зўрман. Сеники кучлими, демак, сен зўрсан.
— Ҳозир... сен зўрмисан? — деб сўради маёр Солиев.
— Зўр бўлмасам шунча одам атрофда титраб турармиди? Лекин... фараон, билиб қўй: шайтон ҳар бир одамнинг кўкрагига мана шунақа бомбани босиб туради.
— Кейин портлатадими?.. Қачон портлатади?
— Ҳар куни портлатади. Кейин юракни қийма-қийма қилиб ейди.

Эртасига юрак яна ўсиб чиқади, у яна портлатади, яна ейди.
— Фалсафанг қизиқ экан. Мен шайтон томирлардаги қонга аралашиб оқиб юради, деб эшитувдим. Сен ўша шайтон билан олишиб кўрмаганмисан?
— Нега олишаман? У менга доим қувват берган.
— Юрагингни қиймалашичи?
— Буни азоб деб ўйлаяпсанми? Йўқ, бу мен учун зўр роҳат эди.
— Ҳозир ҳам роҳатланяпсанми?
— Ҳа.
— Ўзингни ўзинг алдама: ҳозир қўрқяпсан!
— Алжима, фараон... — Қассоб шундай деб бир силтаб, бомбани унинг кўкрагига қаттиқроқ босди.
— Шайтонинг энди сенга қувват бера олмайди. Йўл ҳам кўрсата олмайди. Биттагина йўлинг бор сенинг.
— Биттагина йўл? Таслим бўл, демоқчимисан? Ақлинг калта экан, фараон. Иккинчи йўл-чи? Панжаларимни очиб юбориш учун менга қувват шарт эмас. Яна битта йўлим бор. Балки... кўрарсан.
— Ҳамма йўлларингнинг номи бир — чорасизлик.
— Бўлди, ўчир! Фалсафа сўқма менга.
— Мен фалсафа сўқийдиган файласуф эмасман. Тўғри гапни айтяпман. Сен катта фожианинг ҳалқумидан бўғиб турибман, деб ўйлаяпсанми? Панжаларингни очиб юборсанг дунёни ларзага соладиган фожиа юз берадими? Томизғичда денгиз сувидан икки томчи олиб ташланса нима ўзгаради? Дунё ғариблашиб қолади-ми?
— Томчи дедингми? Тўғри айтдинг. Сен чиндан ҳам арзимас бир томчисан. Шунинг учун ҳам миллион сўм ҳам, самолёт ҳам менга берилмайди. Нега лақиллатишаётганларини билмайманми? Хўжайинларинг Мос-квадан буйруқ кутишяпти. Москва марҳамат қилиб «сўраганини берларинг», деса беришади. Икковини отиб ташла, деса, отиб ташлашади. Москва учун сен кимсан? Ҳеч кимсан. Сендақалар миллионта. Москва нимадан қўрқади, биласанми? Халқаро жанжалдан. Бу ерда эса халқаро жанжал йўқ. — «Қассоб» шундай деб енгил титраб олди. — Фараон, тўғри айтибсан, чарчабман. Ҳамтовоқларингга айт, бир шиша ароқ беришсин.

Солиев «Қўй, бу аҳволда ичма», демоқчи бўлди-ю, айтажак гапи харсангтошга отилган кесак каби наф бермаслигини билиб, тилини тийди. Шунинг баробаринда «бунга ароқ беринглар» ҳам демади. Чунки «Қассоб»нинг баралла айтган гапини сал нарида турган йигитлар эшитишган, улар учун Солиевнинг тасдиқ маъносидаги ишораси кифоя эди.
— Заҳарламай олиб келларинг, аввал шерикларинг ичади, — деди «Қассоб» йигитларга қараб. Сўнг яна буюрди: — автомат юкхонадаги қирқ еттинчи бўлинмани очасанлар. Шифри — 01958. Сумкани олиб келасанлар. Қулфини очишга ҳаракат қилмаларинг, бомбага уланган.

Солиев сумкани нима мақсадда олдириб келмоқчи бўлганини фаҳмлади:
— Хумори тутдими?— деб сўради у хотиржам тарзда.
— Зийрак экансан, фараон. Шерикларингга айт: мен қуруқ пўписа қилмаяпман. Сумкада ростдан ҳам кичкинагина бомбача бор. Кичкинагина бўлса ҳам уч-тўрт ҳамтовоғингни тинчитишга кучи етади.

Солиев буйруқни бажарди.

«Қассоб»нинг талаби ҳам тезликда адо этилди.

Сумка оёғи остига қўйилгач, у кулди.
— Қара-я, фараон, ароқни бир пасдаёқ олиб келишди. Машиналарингда маишат учун олиб юрасанларда, а? Мен аҳмоқ, самолёт сўраб ўтирибман. Аслида сени икки шиша ароққа алмаштириб юборсам бўларкан. Энди нархингни билдингми? Қани ол, оч ароқ- ни. — Солиев буйруқни бажаргач, «Қассоб» шишанинг ярмидан сал юқорироғига бармоғини тираб деди: — Шу ергача ич. Қолгани менга.
— Мен ичмайман, — деди Солиев.
— Сендан «ичасанми?» деб сўрамадим, «ич!» дедим.

Солиев одобли бола сингари буйруққа итоат этиб шишани кўтарди, бироқ, икки қултумдан кейиноқ қалқиб кетди. Йўтали босилгач, кейинги буйруққа итоат этгани ҳолда сумкани кўтарди.
— Ҳожатхонадаги учта шеригинг димиқиб кетишгандир, айт, даф бўлишсин, — деб буюрди «Қассоб».

«Оббо занғаре, шуни ҳам билиб турган экан-да?» деб ўйлаб, йигитларга ишора қилди. «Қассоб»нинг талаби бажарилгач, ҳожатхона сари юрдилар. Солиев эшикни очиб, остона ҳатлайман, деганида «Қассоб» уни тўхтатиб, орқасига ўгирилди:
— Шерикларингни тўсиб оламан, қийналиб кетди. Халақит бермаларинг. Эшикни очган — ўлади!

Ичкари киришгач, «Қассоб» кишаннинг калитини сўради. Калит шимнинг чўнтагида, Солиев кишанли қўли билан ололмас эди. Шунда «Қассоб» панжасидаги бомбани Солиевга тутди:
— Ушла, фараон, жон ширин бўлса, маҳкам ушла.

Панжаларига бомба тегиши билан Солиевнинг юраги «шув» этиб кетди. Бош бармоғи билан эҳтиёт тугмасини босгунича товонидан сочининг учига қадар бир совуқлик югуриб ўтди.

«Қассоб» эса хотиржам равишда унинг чўнтагига қўл солиб, калитни олди. Ўзининг билагидаги ҳалқани ечиб, Солиевни сув қувурига кишанлаб қўйди-да, эшикка хавотир билан қараб-қараб олганича сумкани очди. Ундан елим халтача олиб, кафтига кукун ташлагач Солиевга «ана энди хуморбосди қиламан» дегандай қараб олди. Кейин кукунни бурнига тортди. Кўзларини юмиб чуқур нафас олди. Ҳузурли онлардан роҳатлангач, бу кайфни қувватлантирмоқ мақсадида ароқни кўтарди.
— Сен дунёнинг мазасини билмайсан, фараон. Ўлсам ҳам менга алам қилмайди. Чунки мен маза қилиб яшадим. Мен қамоқдан ўлимдан қўрққаним учун қочмадим. Ўлимимни кутиб ётишдан безиб қочдим. — Шундай дегач, яна кукун ҳидлади.
— Фараон, — деди у ҳузурланиб кўзларини юмгани ҳолда. — Сени бир миллионга олишмади. Сенинг ўлимингга рози улар. Лекин мен рози эмасман. Кел, сен билан шартнома тузайлик: мен сенинг ҳаётингни сақлаб қоламан. Сен эса менинг ўлигимни крематорийга ёқтирмайсан. Одам қаторида тобутга солиб кўмдирасан. Гўримнинг тепасига битта бут ҳам қўйдирасан.
— Худога ишонмайсан-ку?
— Ишонмаслигим тўғри. Лекин... ким билади, балки бордир? Сен эҳтиётдан бут қўявер. Балки фойдаси тегиб қолар. Келишдикми?
— Келишдик.
— Сенга ишончим бўлмаса ҳам ишоняпман. Бошқа иложим йўқ. Фараон, умрингда биттагина ўғил болалик қил: ваъдангни бажар, хўпми?

«Қассоб» шундан сўнг гапирмади. Солиев ҳам уни кузатиб жимгина ўтираверди. Ароқнинг сўнгги қултуми бу дунёдаги ҳузурли роҳатнинг сўнгги нафаси якунланганига далолат бўлди. «Қассоб» шишанинг бўғзидан икки бармоғи билан ушлаганича баланд кўтарди-да, унинг ичидан бир нима излагандек тикилиб турди. Сўнг бехос ташлаб юборди. Шиша чил-чил синди. «Қассоб» чап кафтида қолган кукунни шиша синиқлари устига сочди-да, Солиевга яқинлашиб, панжасидан бомбани олди, аммо эҳтиёт тугмасини босмади.
— Фараон, бўлди, ўзингни қийнама. Бу бомба порт-ламайди. Сенларни лақиллатиб хумордан чиқдим. Менга шу етади, — «Қассоб» шундай деб бомбани тувакка ташлади.

«Қассоб» портламайди, дегани билан Солиев кучли портлашни кутди. Ана шунда юраги яна бир қалқиди. «Қассоб» эса ён чўнтагидан икки тўппончани олди-да, ўқдонни текшириб, Солиевга қарамаган, «хайр» ҳам демаган ҳолда эшикка яқинлашди-ю, уни зарб билан тепиб очиб ташқарига отилди.
— Қани, отларинг энди! — деганча ҳайқириб тўппончаларнинг тепкиларини босди.

Солиев жонҳолатда:
— Отманглар! — деб бақирди.

Лекин унинг овозини ҳеч ким эшитмади. Пала-партиш отишма бир неча сонияда тинди.

Солиев шуларнигина эслайди.

Йўқ, бўшашиб, нафаси қайта бошлаганида йигитлар киришди...

Демак, ўзи чидаса ҳам юраги дош беролмабди-да...

Солиев бир оз ўзига келгач, «Қассоб»га берган ваъдасини эслади. Эслади-ю, ночор экани ҳам маълум бўлди: у беҳуш ётган кунларда «Қассоб»нинг эгасиз жасади куйдирилган эди...

3

Ер ости йўлагига олиб тушувчи зинапояда маёр Илёсовни кўрган Зоҳид унга яқинлашган онда бекат ҳожатхонасидаги «Қассоб» чап кафтидаги кукунни шиша синиқлари устига сочган эди. Зоҳид Илёсовдан «Нима гап?» деб сўрашга ҳам улгурмай, ичкарида отишма бошланди. Бир дақиқа атрофида давом этган пала-партиш отишма тингандан сўнг ҳам ўраб турган соқ-чилар ҳалқаси тарқалмади. Зоҳид-ку, эндигина келди, таъбир жоиз бўлса, у «чақирилмаган меҳмон». Аммо туни билан мижжа қоқмай, соқчиликда турган Илёсов ҳам ичкарига қўйилмади. Аслида Зоҳиднинг ичкарида қиладиган иши ҳам йўқ, устози Мақсуд Солиевнинг тақдири ҳам у учун номаълум эди. Атрофда юрган одамлардан фарқсиз ўлароқ, унга ҳам ичкарида нима воқеа юз берганини билишгина қизиқ эди. Солиевнинг туни билан гаровда ушлаб турилганидан хабардор бўлган Илёсов эса биродари тақдиридан хавотирлангани туфайли ичкарига интилган эди.

Отишма тингач, сал четроқда шай турган «Тез ёрдам» машиналари бекатнинг ойнаванд эшиклари қаршисига келиб тўхташди. Замбил кўтариб шошиб юрилганидан ичарида ҳамма масала ҳал этилгани аён бўлди. Аввал бошдан оёққача чойшаб тортилган одамни олиб чиқишди. «Кимдир ўлибди... Кимнинг жасади бу?»... деган савол назари билан Зоҳид билан Илёсов бир-бирларига қараб олдилар. Саволга икковларида ҳам жавоб йўқ эди. Бекатни ўраб турган соқчилар ҳалқаси заифлашиб, чекинди. Улар бекат эшигига анча яқинлашишганда яна бир замбил кўтариб чиқилди. Зоҳид «Тез ёрдам» машинасидан ўн беш қадамча нарида турган бўлса-да, кўзлари юмуқ, ранглари оқарган Солиевни таниб, юраги «шув» этиб кетди. «Яраланганларми, ё... Илёсовга қараган Зоҳид унинг кўзларидан ҳам айни саволни уқди. Уларнинг қарашидаги савол ҳам бир, жавоб ҳам бир эди: яраланган! Хаёлларидаги жавобнинг хатолигини улар кейинроқ биладилар.

Ўша куни Илёсовдан «Иш»га алоқадор гапларни сўрашнинг мавриди эмасди. Одамлар тарқай бошла-гач, Зоҳид ҳам ишига қайтди-да, Шокаримов ўлимига доир маълумотларни қайтадан синчиклаб ўқий бошлади. Марҳумнинг шахсига тааллуқли сатрларга келганда нигоҳи бир нуқтада қотди. «Кеча нима учун эътибор бермадим? Бу тасодифми?..» деган хаёлда Шокаримов ишлаган жойларнинг номларини қайта ўқиди. Бетон заводига ўтгунига қадар таксопаркка директор бўлгани сирли қулфни оча олувчи калит бўлиб кўринди. Зоҳид ён дафтарчасига таксопарк рақамини ёзиб, тагига уч-тўрт чизиқ тортди-да, ундов ва сўроқ белгиларини қўйди. Бу таксопарк Зоҳидга яхши таниш эди. Шилимшиқ ўз ўлимини топгунига қадар айнан шу саройнинг янги «Волга»сини миниб юрган. Айнан шу Шокаримов ва унинг қанотидагилар таксопаркдан машина «ўғирланганини» то Шилимшиқ ўлдирилгунига қадар «билмай» юришган. Устига устак, Кесакполвоннинг топшириғини бажариб, ўликхонадан мурда олиб бориб берган Сайфи Турдиев ҳам айнан шу ерда ишларди.

Зоҳид ён дафтарчасидаги ёзувга тикилганича ўйланиб қолди. Назарида ҳозиргина ёзиб, остига чизилган рақам оддий белги эмас, балки сирлар сандиғининг сирли очқичи эди. Зоҳид бармоқларини ёйиб, сочларини юқорига қараб қайта-қайта таради. Сўнг пешонасидаги тери билан эт орасига чумолилар кириб олгандай ғимирлаб ғашини келтира бошлагач, чап кафти билан силади. Ўйлагани сайин ўйлари уни ўзи истамаган ҳолда асадбеклар олами томон тортаверди. Агар асадбеклар олами шахмат тахтасига қиёс этилса, Зоҳиднинг фикрича, Шокаримов ҳам Намозов каби пиёдалардан бири эди. Шоҳнинг манфаати учун пиёдаларнинг қурбон бўлиши табиий бир ҳол. «Пиёда» Шокаримов қандай манфаат учун қурбон қилинди экан? «Пиёда» Намозов илмли, олим эди. Буниси эса ҳунар-техника билим юртини тамомлаган. Демак, мактабдаги ўқишини қойиллата олмаган. Ўқитувчиларнинг зўри билан «ҳунар ўрганиш иштиёқида» билим юртига борган. Касби — ғишт терувчи! Бу ҳам Зоҳид учун ажабланарли сир эди. Шокаримовнинг қўлига ғишт ушлаган-ушламагани қанчалар жумбоқ бўлса, унинг қайси йўллардан юриб таксопарк бошлиғи курсисига ўтиргани шу қадар сир эди. Зоҳид «Иш»ни қайта-қайта ўқиб «Шокаримовнинг ўйнаши ҳам, ҳайдовчиси ҳам бесабаб ушлаб турилибди, эҳтиёт чораси ўзгартирилиши керак» деган тўхтамга келди. Аммо Илёсов билан суҳбатлаша туриб қарорини амалга оширишга шошилмади.

Бекатдан қайтар маҳалида устозининг яраланмаганини, балки юраги ўйнаб, ҳушсиз бўлганини эшитган эди. Пешиндан кейин Солиевнинг аҳволидан хабар олгани касалхонага борди-ю, «инфаркт» деган ташҳисни эшитиб, беихтиёр равишда «Нега?» деб юборди.

Солиевнинг ҳаётидан бехабар одам «Қассоб»нинг панжасидаги бомбадан қўрқиб юраги ишдан чиқибди», деган хулосага келиши мумкин. Ҳар ҳолда бекатдаги тунни бедор ўтказганлар, айниқса, Солиевни беҳуш ҳолда кўрганлар шундай деб ўйлашган эди. Ҳолбуки «Қассоб»нинг панжасидаги бомба сўнгги туртки эди. Бу сўнгги турткидан хабарсиз бўлган Зоҳид касалхона ҳовлисидаги кимсасиз айвон устунига суяниб, заиф қор учқунларининг сар-сари учишларига тикилиб турарди. У устознинг ҳаётини қисман бўлса-да билгани учун «Нега?» деган саволига ўзи жавоб топди. Неча ҳафталаб, ҳатто ойлаб бедор юриб, жонини гаровга қўйиб жиноят илдизини очганида биттагина телефон қўнғироғи билан барча ҳаракатлари чиппакка чиқарилганида юрагидаги битта томир узилмадимикин? Жиноят иши катталардан бирининг тантиқ ўғлига тақалганида, қатъий туриб олгани учун «ўз вазифасига муносиб эмас», деган тамға билан ишдан четлатилганида-чи?

Солиев бошига тушган савдолардан айримларини ибрат тариқасида айтиб берганида Зоҳид «юрагингиз темирдан экан, чидабди», деганди. Мана энди маълум бўлди, юраги темирдан эмас экан.

Зоҳиднинг қишлоғида, уларникидан олти хонадон нарида бир одам яшарди. Асл исми Ғайрат бўлган бу кишини ҳеч ким ўз номи билан атамай, қисқа ва лўнда қилиб «Ғийбат» деб юритишарди. Унинг яна бир лақаби «Офат» бўлиб, айримлар борига барака усулида уни «Ғийбат Офат» деб улуғлашарди. «Ғийбат» дейилсада — ярашиқли, офат дейилса-да — арзирли бу одам атрофдагиларнинг ёқтирмасликларини фахмларди. Шу боис дуч келган хонадонга кириб, ўзида йўқ обрўсини тўккиси келмас, мўмин-қобил бўлгани учун Зоҳиднинг отаси билан ҳамсуҳбат бўлишни ёқтирарди. «Ҳамсуҳбат» дейиш ҳам нисбий тушунча. Чунки Зоҳиднинг отаси суҳбатлашмас эди, тилининг тагига бир чеким нос ташлаб фақат эшитарди. Ўн икки йил муқаддам Зоҳид Ғийбат Офатнинг раис билан олишуви ҳақидаги «ахборот»ни бехос тинглаб, ғазабланган эди. «Менга мошин бермагунингача ҳар куни келаман, юқорига ёзиб сени тинчитмайман. Ё сен менга мошин берасан, ё мен сени инфаркт қиламан!» Ғийбат Офат бу гапни алоҳида бир ғурур билан айтган эди.

Раис бу одамнинг айби биланми ё бошқа сабабданми инфарктдан кўз юмган эди. Ўшанда Зоҳид «пичоқ уриб ёки бўғиб ўлдирганни «қотил» деймиз, қамаймиз, ҳатто ўлимга ҳукм қиламиз. Раиснинг қотили ким? Ғийбат Офатни айблай оламизми? Пичоқ урмоқ билан инфарктга олиб бормоқнинг фарқи нимада? Фақат усул бошқа, охир оқибат эса бир — бевақт ўлим!»

Ҳозир касалхона ҳовлисидаги айвон устунига суяниб турган Зоҳид шуларни эслади. Эслай туриб «бировларни инфаркт қилувчи одамларнинг ўзлари ҳам инфаркт бўлармикинлар? Улар қандай ҳолда жон бераркинлар?» деб ўйлади.

4

Илёсов жойига ўтиргач, пешонасини тириштирганича Зоҳидга қаради. Зоҳид бу қарашдан «Ука, бемаврид келибсан, бошимни қотирма», деган маънони ўқиб, хона соҳибининг сўз бошлашини кутди. Илёсов эса эринчоқлик билан стол тортмасини очди-да, сигарет олиб, лабига қистирди.
— Нима бўлганини эшитгандирсиз? — У шундай деб сўраб, жавоб кутмай сигарет тутатди.
—Касалликларини билдим.
— Худо бир асрабди ошнамни. Ундан кўра елкасиданми ё сониданми яралангани минг марта яхши эди. Инфарктнинг иши қийин, ука. Энди уни бу идорада бошқа кўрмайсан, мажруҳликка чиқариб юборишади. Мана шуниси инфарктнинг ўзидан ҳам ёмонроқ. Умр бўйи кўчада юрган одамнинг «қачон инфаркт бўларкинман, иккинчисида ўлармикинман ё учинчисидами?» деб уйда Азроил келишини кутиб ўтириши осонми? Мени қанча кутдингиз?
— Ярим соатча.
— Одам одамни ярим соатми ё беш соатми кутса бетоқатланади. Ҳар дақиқа, ҳар соатда ўлимни кутса-чи? Буни ҳеч ўйлаганмисиз? Сиз ҳали ёшсиз, хаёлингиз бошқа ёқда. Мен ҳам кам ўйлайман буни. Лекин ошнам энди тинмай шуни ўйлайверади. Ўйлай-ўйлай ўзини еб адо қилади. Инфаркт нима, биласизми? Бу касаллик эмас, аслида Азроилнинг ташриф қоғо-зи. Кутилганга нисбатан кутилмаган меҳмон анча дуруст.

Илёсов ҳаёт ва мамотга доир фалсафасини айтиб бўлгунича Зоҳид тоқат билан ўтирди. Ортиқча гап қўшмади. Яқин одами бошига кулфат ёғилса ёки хасталикка чалинса киши «бу менинг тақдиримда ҳам бордир» деб хавотирланади. Ўзини гумонидаги кулфатни қаршилашга руҳан тайёрлайди. Ҳозир Илёсов ҳамкасбининг тақдиридан куйиб гапираётган бўлса-да, кўнглининг бир четида «каминанинг ёзуғи ҳам шу» деган ҳақиқат ғимирларди. Ўзининг ҳам қачондир инфаркт бўлиши мумкинлиги ҳақидаги фикр кечмиш ва келажакка оид фалсафаларини тўкиб солишга ундарди. Зоҳид ҳамсуҳбати руҳий ҳолатидаги туғённи сезгани учун ҳам халал бермай тек ўтирди.

Азага келган хотин ростданми ё ёлғонданми ҳарчанд йиғламасин, оқибат ўзининг ташвишларига кўчади. Илёсов гапира-гапира бир оз енгил тортгандай бўлиб, «бу йигит менинг ҳасратимни эшитгани келмагандир», деган хижолатда изоҳ берди:
— Мақсуд акангиз сизга устоз бўлганлари учун айтяпман бу гапларни.

Илёсов бир неча нафас сукут сақлагач, фалсафа оламидан ҳақиқат дунёсига кўчди:
— Шокаримовнинг ишини сизга беришибди, эшитдим. Мендан бирон нарсани сўрамоқчимисиз?
— Ҳа, — Зоҳид шундай деб ўрнида бир қимирлаб олди. — Қоғозга тушмаган гаплар бўлса...
— Қоғозга тушмаган гапларми? — Илёсов Зоҳидга тикилиб қолди. — Қоғозга тушмай қолган гапларнинг асосийсини Шокаримов ўзи билан гўрга олиб кетган. Унча-бунча қолган гаплар ўйнаши билан ҳайдовчисининг тилида турибди. Билмадим, ҳақиқатни тилларига қўшиб суғуриб олиш керакми? Ҳар ҳолда мен улардан керакли маълумот ололмадим. Балки сизга ёрилиб қолишар? Сиз қидирадиган сир шу иккаласининг орасида. Узоққа бориб юрманг, ука.
— Ўлимга бошқа сабаб ҳам бўлиши мумкинми?
— Масалан?

Зоҳид таксопаркка асадбекларнинг таъсири борлигини айтишни истамади. Шилимшиқ, Сайфи Турдиевга доир гапларни бу одам билмаслиги ҳам мумкин. Билмаса, хабардор бўлмай тургани ҳам маъқул. Алҳол Зоҳиднинг мақсади уни гумонларидан огоҳ этиш эмас, билакс, ундан бирон янгилик эшитиш эди.
— Масалан... таксопарк директорининг бетон заводига бошлиқ бўлиб қолиши мени ажаблантиряпти. У соҳада ҳам бу соҳада ҳам маълумоти йўқ экан?
— Бунақа ўринларда ўтириш учун маълумот шарт эмас, ука. Пул санашни, пулни тўғри тақсимлашни билса бўлди. Сиз китоб кўриб улғайган йигитсиз. Агар қоқилмайин десангиз, энди бу китобларингизни четга қўйиб ҳаётнинг китобини ўқинг.

Илёсовнинг бу ўгити Зоҳид учун янгилик эмасди. Илмдаги муаллими Ҳабиб Сатторовдан ҳам, бу соҳадаги устози Мақсуд Солиевдан ҳам эшитган. Ёши улуғроқ одам борки, Зоҳидга ўхшаганларга шундай маслаҳат қилади. Зоҳидга бу гапларни эшитавериш эриш туюлади. Чунки у ҳаёт бошқа, китоб бошқа деган фикрни мутлақо ҳазм қила олмайди. Унинг ақидасига кўра, ҳар қандай китоб ҳаёт тажрибасига асосланган тарзда юзага келади. «Доно»лардан бири Зоҳидга «ҳаёт китобини ўқинг», деганида у ғашланиб:
— Ўзингиз ҳеч китоб ўқиганмисиз? — деб сўраган эди.
— Китоб ўқиб, бошимни оғритиб нима қиламан, мен ҳаёт кўрганман, — деган эди «Доно». Ўшанда Зоҳиднинг тили қичиб ўртоғига айтган гапларни айтиб юборган, кейин афсусланиб «Доно» ранжийди, деб ўйлаган эди. Аммо «Доно» Зоҳидни ҳайрон қолдириб ранжимади. Ҳолбуки у гап унча-бунча одамнинг баданини тешиб юбориши мумкин эди: бир куни Зоҳид уйда ётганида ҳамқишлоқ ўртоғи йўқлаб келди.
— Ҳа, яна бош оғрияптими? — деб кўнгил сўрагач, ўзича ташхис қўйди: — Китобни кўп ўқийсан-да. Мен сенга минг бир марта айтдим: ҳадеб ўқийверма. Мана мен битта ҳам китоб ўқимаганман. Шу ёшга кириб бир марта ҳам бошим оғримади.

Зоҳид ўртоғига ярим ҳазил, ярим чин оҳангида:
— Бошингнинг оғримаслиги китоб ўқимаганингдан эмас, сен яна юз йил яшасанг юз йил бош оғриғи нималигини билмайсан. Сенда оғрийдиган бошнинг ўзи йўқ, — деган эди.

Ҳозир Илёсовга ҳам шунга ўхшаган гап айтворай деди-ю, тилини тийди. Фикрни чалғитмаслик учун муддаодан четламади:
— Ўйнаш билан ҳайдовчига қўлланилган эҳтиёт чораси сал ошириб юборилмаганми?
— Мен уларни ўз билгимча қамамадим. Жиноятга алоқаси бўлгани учун мен таклиф этдим, прокурор тасдиқлади. Хотинини қамаб қўйганим йўқ-ку?
— Эҳтиёт чорасини ўзгартирсаммикин, сиз нима дейсиз?
— Энди ука, «Иш» сизнинг қўлингизда. Нима қилсангиз қилинг. Фақат шошилманг. Хўжайинлар «Ҳа, бўл!» деб туришса ҳам арқонни узун ташлайверинг. Мен шошилмаган эдим, «Иш»ни сизга олиб беришди. Ақлим етганича гумонларим бор, аммо буни ҳозир сизга айтмайман. Ўзингиз бир ҳаракат қилиб кўринг. Кейинроқ маслаҳатим зарур бўлиб қолса келарсиз.

Илёсовнинг бу тарзда суҳбатга якун ясаши Зоҳидга малол келса-да, оғир олганини сездирмай хушмуомалалик билан хайрлашди. Умри «Угро»да ўтаётганларнинг терговчиларни, айниқса, ёшларни хушламаслиги, айрим ҳолатларда менсимаслиги Зоҳидга аён. Барча соҳаларда бор бўлгани каби ёш-қари мутахассис орасидаги муаммо бунда ҳам мавжуд. Ёшлар катталарни догмада, яъни қотиб қолганликда айблашади. Катталар эса уларни «думбул» деб билиб ишларидан айб излашаверишади. Камчилик топилган тақдирда мамнуният билан танбеҳ беришади. Мусулмон одобига зид ўлароқ, бирон ёшнинг қоқилишини истовчилар ҳам йўқ эмас. Афсус шуки, бу тоифа «ёш биродарим илойим қоқилмасин, қоқилгудай бўлса ўзим суяйман», демайди. «Қоқилсин, йиқилсин, пешонаси ғурра бўлсин, бурни қонасин, шунда кўзи очилади, менинг қадримга етади», деб умид қилади. Қуруқ умид билан кифояланса кошки, баъзан киши билмас тарзда қоқилишига ёрдам бериб қўяди. Зоҳид бундай кимсаларни илм оламида ҳам кўрди, бунда ҳам учратиб, кўзи пишди. Хайриятки, туннинг муқобилида кун бўлгани каби, ёмоннинг пайини қирқувчи яхши ҳам бор. Солиев шу тоифадан бўлгани учун Зоҳид уни беҳад ҳурмат қиларди. Зоҳид «Илёсов Солиевнинг акси», деган фикрдан узоқ. У ҳақда ёмон гап эшитмаган. Ажабланарлиси шуки, яхши гап ҳам, айтайлик, «фалончига ёрдам берибди, қўллабди, ёнини олибди», деганга ўхшаш олқиш ҳам қулоғига чалинмаган.

Бировга яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам қилмайдиган одамдан эҳтиёт бўлиш керакми ё фақатгина аблаҳликни касб қилиб олгандан қўрқиш зарурми — Зоҳид бу масалани ҳам ўзича ҳал қилиб олган: у учун кейинги тоифа хатарли эмас, чунки бундай одамларнинг ҳужумига эртаю кеч шай турасан. Илимилиқ (Зоҳид биринчи тоифани шундай атайди) одамлар офтобда қолган сувга ўхшайди. Чанқаб келасану ичолмайсан, ичсанг кўнглинг ағдарилади.

Илёсов айрим ишларни Солиев билан бирга бажарарди. Унинг тажрибали, мулоҳазали экани Зоҳидга шундан маълум. Илимилиқ эканини яхши билмас экан, бугунги муомаласидан бунга амин бўлди. Зоҳид лозим бўлиб қолганда Илёсовни бу ишга жалб қилиши мумкин эди. Хонадан чиқа туриб «бу илимилиқсиз ҳам куним ўтар», деб қўйди.

5

Миркаримовнинг уйида мотамсаролик сояси йўқ эди. Кўк кийган аёлни, ғамнок болаларни учратарман, деб ўйлаган Зоҳид янглишди. Кейин «Бу уйдан ўлик чиққанига анча бўлди шу пайтгача оҳ-воҳ қилиб ўтиришармиди», деган фикрга келди.

Баъзилар пул топадилару ақл топмайдилар. Ё дан-ғиллама уй соладилар. Ёки довруғи етти иқлимга кетадиган тўй қиладилар, ё ҳар йили бир марта, иштаҳалари келиб қолса, икки марта машиналарини янгилайдилар, шу зайлда қармоққа илинганларини ўзлари ҳам сезмай қоладилар: «Сотсиалистик мулкни талон-тарож қилиш»да айбланиб бор будларидан айриладилар. Зоҳид дарвоза олдида турганича атрофни кузатиб «Миркаримов бу тоифадан бўлмаган экан», деган тўхтамга келди. Дабдабали тўй қилганми-йўқми — ҳозирча билмайди. Билгани — Миркаримовнинг номида машина ҳам, уй ҳам йўқ. Уй қайнонасининг номида, сутранг «09» хотинининг номида. Миркаримовнинг ақлига беш кетиш керакки, фақат хотинигина ўзининг номида. Қўлга тушгудай бўлиб суд «мол-мулки давлат ҳисобига мусодара қилинсин», деган ҳукм чиқарганда маълум бўладики, бу «бечора»да мол-мулкнинг ўзи йўқ. Агар жиноят кодексида «Хотини ҳам мусодара қилинсин», деган модда бўлсами, бу зотлар хотинни ҳам бошқа бировнинг номига расмийлаштириб қўйишармиди, валлоҳи аълам?

Бу дунёнинг қонунларини шу тариқа четлаб ўтиш мумкин. У дунёдаги сўроқлардан қай тарзда бўйин товланар экан? У дунёда хотиннинг номидаги машина қай тарзда харид қилингани хусусида ҳам ҳисоб берилармикин?

Шаҳар чеккасидаги қишлоқда чиройли пештоқли, кўкрак кериб турган оқ тунукали уйлар кўзга деярли ташланмайди. Аксинча, синчи ёки пахсаси кўтарилиб, у ёғига қўл калталиги туфайли ташлаб қўйилган уйлар кўпроқ. Миркаримовнинг уйи бошқалардан фарқли ўлароқ, кўча юзига эмас, боғ ичкарисига қурилган. Уйнинг дабдабасини боғдаги дарахтлар ёмон кўзлардан ҳимоя қилиб туради.

Зоҳид тўрт пахса баландлигидаги девор билан ўралган боғ дарвозаси олдида чалинган қўнғироғига жавоб кутиб анча турди. Бетоқатланса-да, тирқишдан мўралашдан ўзини тийди. Тўртинчи қўнғироқдан сўнг дарвоза ортида аёлнинг «Ким?» деган овози эшитилди. Зоҳид ўзини танитгач, дарвоза ўртасидаги эшик қия очилиб, эгнига пахталик нимча кийиб, елкасига жун рўмол ташлаган, киприклари узун-узун, қошлари камалак каби эгилган чиройли жувон кўринди.

«Қошу ёсиму дейин, кўзи қаросинму дейин», деган ашулани шоирлар шундай гўзалларга қараб туриб ёзишганда...» Зоҳид буни айни дамда, дарвоза остонасининг бу томонида турганида эмас, кейинроқ қайтар маҳалида ўйлайди. Ҳозир эса савол назари муҳрланган чиройли кўзларга қараб туриб мақсадини айтди. Жувон «бу одамнинг уйга киришга ҳаққи борми, қўяйми ё қўймайми», деган ўйда пича турди-да, сўнг чекиниб эшикни кенгроқ очганича «киринг», деб йўл бошлади. «Уйда эркак йўқ, гапингиз бўлса шу ерда сўрайверинг», дейиш «еркаксиз уйга бегоналарни киритма», деган одобдан дарс олмаган жувоннинг хаёлига ҳам келмади. Унинг изидан бораётган Зоҳид «бу қизими ё келиними?» деб ўзича фол очди. Бу кўҳлик жувон Миркаримовнинг иккинчи хотини деган ҳақиқат тушига кирибдими?

Қишнинг ҳукм суриш вақти тақвимга кўра адоғига етган бўлса-да, совуқ нафаси ҳукмронликни давом эттираётгани сабабли ташқарида туриб гаплашиш имкони йўқ эди. Кунгай қилиб солинган ойнаванд айвон иссиқ экан. Зоҳид «шу ерда ўтира қолайлик» деган таклифни айтишга улгурмай жувон телевизор қаршисидаги стулни кўрсатиб «ўтиринг» деди. Ўзи ён томондан жой олиб, елкасидаги жун рўмолни суянчиққа ташлади. Сўнг портфелини очиб, қоғозларини олаётган Зоҳиднинг ҳаракатларини зийраклик билан кузатди.
— Ўлдирган одамни топдингларми?

Сўроққа тайёрланаётган Зоҳид учун бу савол кутилмаган бўлмади. Бундай саволларни кўп эшитгани учун ҳам шошилмай, қоғозларни кўздан кечириб олди-да, жавобни қисқа қилди:
— Топамиз.
— Сиздан ҳам олдин бир киши икки-уч марта келди. Қотилни сизларга биз топиб беришимиз керакми?
— Сиз овора бўлманг, опа, ўзимиз бир амаллаб топамиз.
— Шунақами? — жувоннинг камалак қошлари чимирилди. — Унда нима учун келдингиз? Адаларини... бу уйда ўлдиришмаган. Энди бошқа келманглар. Биринчи куни олиб кетган нарсаларингни ҳам қайтаринглар.

«Адаларини... Демак, бу хоним Миркаримовнинг бевалари экан-да?» Зоҳид шу хаёл билан жувонга тегишли саҳифаларни варақлади. «Ойсанам Эркаева. 1958 йилда туғилган...

Ёшига кеча эътибор бермабман. Эридан ўн саккиз ёш кичик экан...» Зоҳид беванинг талаб оҳангидаги гапларига ҳам совуққонлик билан жавоб қайтарди:
— Миркаримовнинг бу уйда ўлдирилмаганини биламан. Лекин ўлимидан олдин шу уйдан ўз оёғи билан чиққан. Олинган нарсалар вақти келганда қайтарилади, хавотирланманг. Рўйхат билан олинган, рўйхат билан қайтарилади, игнадек нарса ҳам йўқолмайди, Ойсанам опа, — Зоҳид шундай деб жувонга тик қаради. Чиройли кўзларга дош бериш қийин бўлса-да, нигоҳини олиб қочмади. — Мен сўрайдиган айрим нарсалар сизга бемаъни ёки эриш туюлиши мумкин, лекин шуларни сўраб, аниқлашга мажбурман. Эшитишимча, Миркаримов серҳиммат, қўли очиқ, меҳмондўст, ҳотамтой одам эканлар, — шундай деб Зоҳид атайин ёлғон айтди. Пулдор одамлар, уларнинг оилалари бахил бўлсалар-да, ўзлари ҳақида шундай тавсифни эшитмоқни хуш кўрадилар. Зоҳиднинг мўлжали аниқ чиқиб жувон узоридаги қатъийлик сояси чекиниб, мамнунлик офтоби кўринди. Зоҳид эса бу ўзгаришни сезмагандай давом этди: — Кунда бўлмаса ҳам кунора меҳмон кутгандирсиз. Меҳмондўст одамнинг хотини бўлиш осонмас.
— Нимасини айтасиз... — жувон шундай деб енгил хўрсинди.

Яқин ўтмишнинг тотли хотираси юрагини энтиктирди. Меҳмон кутишда у эрталабдан хамир қориб нону сомса ёпмас, бир қозонда суюқ, иккинчисида қуюқ овқат ҳам пиширмасди. Меҳмон кутишни пазанда йигитлар, хизматчи аёллар ўрнига қўйишарди. Бу оппоқ, бўлиқ бармоқлар қозон-сочиқ нималигини аллақачон унутиб юборган. Меҳмон кутиладиган кун бу бармоқлар пиёз арчиб, тўғрамас, балки тилла узуклар билан ороланарди. Таманно билан юриб, кўп кўзларни куйдирарди. Эри «еркакларнинг олдига ҳадеб чиқаверма» деса-да, «чойингларни янгилаб берайинми?» деган меҳрибонлик билан кириб-чиқиб турарди. Унинг хаёлида бузуқлик йўқ эди, эрига хиёнат қилмоқни ҳам ўйламасди. Фақат эркак зотининг еб қўйгудек бўлиб суқланиб қарашидан роҳатланарди. Меҳмонга тақинчоқларини тақиб борганида эса эркакларнинг хирсдай қарашларига қўшимча равишда аёлларнинг ҳасад билан боқишларидан маст бўларди. Ҳозир ўша омон-омон дамларни эслаб энтикди. Жувоннинг бу олами Зоҳидга қоронғу эди. Шунинг учун енгил хўрсиниш сабабини бошқача тушунди.
— Тез-тез келадиган одамлар орасида Асадбек ака бўлармидилар?
— Ким у киши?
— «Асадбек» деса бутун шаҳар танийди-ку? Сиз... эшитмаганмисиз?
— Эшитмаганман... оғайнилари орасида бунақаси йўқ эди шекилли?
— Ҳайдар ака, Маҳмуд деганларини-чи?
— Эсимда туради, дейсизми? Биласиз-ку, бизда эркаклар алоҳида ўтиришади. Ўрисларга ўхшаб биллалашиб чўқиштириб ичишмаймиз.
— Бу гапингиз ҳам тўғри. Мен Асадбек акани танийсиз деб ўйлабман. Сизни қаердадир кўргандай бўлиб ўтирувдим. Энди эсладим: Асадбек аканинг тўйларида кўрган эканман.

Зоҳид бу ёлғонни таваккал қилиб айтди. Унинг фаразича, тўйга шаҳарнинг барча пулдорлари келишган. Асадбекларга хизмат қилиб юрувчи таксопарк директорининг келиши эса исбот талаб этилмайдиган ҳақиқатлар сирасига кирарди. Шундай дабдабали тўйга бундай гўзал хотинни олиб бормаслик эса нодонлик бўлади.

Зоҳиднинг бу ёлғони ҳам яхши самара берди. Жувон кафтини ўнг бетига босиб, ўйлангандай бўл-ди.
— Қайси тўйни айтяпсиз?
— Машҳур ҳофиз Элчинни куёв қилди-ку?
— Ҳа... сиз ҳам борувдингизми?
— Фақир киши панада, дейишади-ку, бир четда ўтириб маза қилганмиз. Демак, эсладингиз. Асадбек ака келиб турармидилар?
— Йўқ, у киши келмасдилар. Балки ўғилчамизнинг тўйида келгандирлар. Нима, ўша кишидан гумонингиз борми?
— Бе, шундай улуғ одамдан гумонсираймизми? — Зоҳид шундай деб кулимсиради. — Шунчаки сўрадим, қўйдим, Мендан олдин сизникига милитсиядан Илёсов деган одам келган. Ўша одамга «ҳеч кимдан гумоним йўқ», дебсиз. Ростданам гумонингиз йўқми?
— Кимданам гумон қилардим?
— Ҳайдовчидан... — Зоҳид «ўйнаш» демоқчи бўл-ди-ю, жувонга бу сўз ёмон таъсир қилиши мумкин-лигини англаб, юмшоқроқ тарзда: — яна бир таниш аёл, — деди.
— Аёлни билмайман, — деди Ойсанам, — лекин ҳайдовчи деганингиз... акамдан қанақасига гумон қилишим мумкин?

Бу гапни эшитиб Зоҳид сергак тортди:
— Нима, акам дедингизми? Ўз акангизми?
— Ҳа,— жувон шундай деб ажабланиб елка қисди,— туғишган акам. Сиз нимага ҳайрон бўляпсиз?
— Илёсовга ҳам айтганмидингиз буни?
— Эсимда йўқ... айтгандирман.
— Акангизнинг фамилияси?..
— Мен биринчи эримнинг фамилиясида қолганман.

Бу янгилик Зоҳид учун кутилмаган жумбоқ бўлди.

VI боб

1

«Англашилмовчилик бўлибди»?!

Асадбек қулоқларига ишонмади. «Уйқусираяптими бу малла капитан ё кечаси билан отиб чиққан бўлса калла карахтми?»

Четдан қараган кишига милисахона навбатчисининг дарчасига тирсагини тираб турган Асадбек гап уқмас бўлиб кўринарди. Бу хонада капитандан бошқа четдан қаровчи одам йўқ эди. Унга эса Асадбек айнан шундай кўринди.
— Тушунмадингизми? — деди у энсаси қотган тарз-да.
— Тушунмадим, — деди Асадбек.
— Нимасига тушунмайсиз? Англашилмовчилик бўлибди, — деди капитан. — Милитсия номидан узр сўраймиз. Ўғилларингиз ҳозир чиқишади, олиб кетаверасиз. Юкларингизни қараб, текшириб қабул қилинг.

Неча хил ўй-хаёл, неча хил режа билан бу ерга келган Асадбек учун буниси сира кутилмаган «совға» бўлди. У аввалига тўғри Хонгирейга учраб «талабингни айту болаларимга тегма», демоқчи бўлди. Лекин бу аҳди қатъийлашмади. «Хўп, бордим, айтдим, — деб ўйлади у, — «ўғилларингни мен қаматмадим», демайдими? Дейди. У хунаса чақалоқлигида тулкининг сутини эмиб катта бўлган. Ўзини билмаганга олади. «Ия, шундай бўптими?» деб ачинади. Кейин менга марҳамат қилади. Э, йўқ, менга у харифнинг марҳамати керакмас. У менинг бош эгиб кириб боришимни жуда-жуда истаяпти...»

Асадбек йўқотилган бойликнинг ўрнини тўлдириш мумкинлигини, йўқотилган номусни эса асло тиклаб бўлмаслигини яхши билгани учун ҳам Хонгирейнинг ҳузурига бормади.

Ўғиллари учун жонини беришга тайёр Асадбек номусини булғаб бўйин эгишга келганда чидай олмади. Номус жонга нисбатан улуғлик қилди. Ўзини тўхтатди. Номуснинг топталишини энг сўнгги чора деб билди. «Гадонинг душмани гадо бўлади», деганларидек, Москвада Хонгирей якка ҳоким эмас, унинг пайига тушадиганлар ҳам топилади. Асадбек ҳозир чора излаб улардан бирининг ҳузурига бормоғи мумкин эди. Лекин бу йўлнинг айни дамда хатарли эканини, яра патос боғлаб кетмоғи мумкинлигини у фаҳмлади. Шубҳасизки, Асадбек Москва ерига қадам босиши билан Хонгирейнинг одамлари уни кузатадилар. Асадбек Хонгирей учун нобоп тўдага арзини айтгани ҳамон ўлжани бўғиб турган илон заҳарлашни пайсалга солмайди.

Тўғридан тўғри милисахонага боравериш фикри уни кутиб олган Жамшидга ҳам маъқул келди. Балки «беш-ўн сўм» совға эвазига иш пишар деган умидда навбатчи дарчасига тирсагини тираганича ўзини танитиб, муддаосини айтиши ҳамон капитан англашилмовчилик бўлганини маълум қилиб турибди.

Умидига осонлик билан етгани учун қувониши лозим бўлган Асадбек «англашилмовчилик» деган сўз иккинчи марта такрорлангач, беихтиёр ғазабланди. «Иккита бегуноҳни қамоғингга тиқиб қўйиб яна «англашилмовчилик» деб безраясанми, энағар!» деб бақиришга чоғланганида хожасининг феъли айниганини сезган Жамшид уни четга тортди.

Асадбек «нега аралашасан!» деган маънода ўтли нигоҳини унга қадади.
— Бу ердан чиқволайлик, кейин гаплашамиз, — деди Жамшид.

Ким билан, қачон, қаерда, қандай тарзда гаплашажагини ўзи ҳам билмаса-да, хожасини тинчитиш учун ишонч билан айтди бу гапни. Асадбек «ертага сенга шоколад олиб бераман», деган алдовга учган гўл бола сингари ювош тортди. Энди унинг жавдираган кўзлари ҳар ён боқиб, ўғилларининг чиқиб келишларини кутарди.

Орадаги ярим соат худди ярим йил сингари руҳни эзғилаб ўтди. Вақтнинг ўн беш дақиқаси «ҳозир чиқишади», деган ишонч билан, қолгани эса «яна англашилмовчилик бўлибди, беайб бошқа одамлар экан, сизнинг ўғилларингизни чиқармаймиз» деб қолса-чи?» деган гумон талвасаси билан ўтди.

Ярим соат Асадбекни беш йилга қаритди. Зайнаб можаросида чўккан гавдаси янада чўкди. Ҳожасини кузатиб турган Жамшид енгил титради: ҳожасининг соч-лари бирданига оқариб кетди. Асадбекнинг сочларига оқ оралаган эди. Лекин ҳозир, бир оннинг ўзида қиров қўнгандай бўлди. Жамшид «аввал ҳам шундайдир, эътибор бермагандирман», деб ўйлаб янглишди. Сочнинг айни шу дамда оқарганини навбатчи капитан ҳам сезгани учун тез-тез қараб-қараб қўяётган эди.

Сукунат...

Сукунатнинг тили борми? Бўлса, сассиз равишда нималар деяпти экан? Балки ўзининг тилида чинқириб Асадбекни қарғаётгандир? Балки сочларининг оқариб кетгани қарғишнинг ижобат бўлаётганига бир ишорадир?

Олдинда қўллари кишанланган Абдусамад, орқароқда Абдуҳамид кўриниши билан Асадбек ўзини тута олмади. Унинг кейинги ойлар ичи заифлашиб қолган иродаси, саботи кўздан қуйилиб, киприкларига қадалган ёш томчиларини тўхтата олмади.

Ҳали «англашилмовчилик бўлганини» билмаган, «Турларинг!», «Девор тарафга ўгирил!», «Қўлингни чўз!», «Битта-битта юр!», «Гаплашма!» деган буйруқларга мўмин бола сингари итоат қилиб чиқиб келаётган, хаёллари «Энди бу ёғи нима бўларкин?» деган савол билан банд ака-ука ойнаванд девор ортида оталарини кўрдилару кўнгиллари тўлиб, бўғизларига йиғи келди. Улардаги ёшларга хос матонат йиғини тўхтатишга қурби етди. Агар Асадбек ўғиллари кўзларида ёш кўрсами, бўғзига қадалиб турган фарёдни тўхтата олмасди. Яхши ҳамки ойнаванд деворнинг хиралиги оталари ёноғига думалаган кўз ёшни парда қилиб тўсди. Тўсмасами эди, балки ёшлик матонати ҳам ожизлик қилиб қолармиди...

Гўзал ёрлари ҳамроҳлигида уйга кириб бормоқни, келинсаломдан қувонган оталари билан кўришмоқни орзу этган ўғиллар хира ойнаванд тўсиқ ортидан «Адажон, бизнинг ҳеч гуноҳимиз йўқ» деган маънода жавдираб қарашарди. Қўлларидаги кишанлар ечилиб, чўнтакларидан олинган нарсалар рўйхат бўйича бир-бир қайтарила бошлангач, улар чиндан ҳам «гуноҳлари йўқлигини» англаб енгил тортишди. Икковлари ҳам бараварига «адам чиқариб олдилар» деб ўйлашди.

Соғинч ва ташвишдан ўртанган юраклар хадик сояси остида учрашганлари учун тилга сўз келмай қолди. Титроқ тиллар «Болам!», «Адажон!» дейишгагина қувват топа олдилар холос. Асадбек ўғилларини бағрига босиб, кўнгли бир оз ором топгач, қулочини кенг ёйиб икковини қанотлари остига олди-да, «Кетдик!» деди. Сўнг жиянлари қатори суюмли бўлиб қолган йигитлар билан кўришиш бахтидан бебаҳра қолаётган Жамшидга қараб:
— Юкларни ўзинг олиб чиқ, — деди.
— Бек ака, қараб олайлик, — деди Жамшид айбдор одамнинг овози билан.
— Паст кетма буларнинг олдида. Бир-иккита матоҳни олган бўлса олгандир.
— Олса майли-ю, қўшиб қўйган бўлса-чи? Кўчага чиққанимизда яна ҳунар кўрсатишмасин, дейман...

Жамшид «хўжайинга ақл ўргатиб балога қолмасайдим» деган хавотирда гапини калта қилди.

Асадбек кейинги йилларда фақат Чувринди укасигина ақл ўргатса чидарди. Ҳатто Кесакполвон тўғри маслаҳат берса-да, аввал бир бобиллаб, сўнг амал қиларди. Жамшид хожасининг бу одатини яхши билгани учун ҳам фикрини баён қилишда бир оз чўчиди. Шу пайтга қадар «Бек акам «нимага?» деган саволни ёмон кўрадилар. Акамга «хўп бўлади» кўпроқ ёқади», ақидасига амал қилиб келган одам учун юракдаги зардоблари тошиб, алам вулқони портлай деб турган хожасига бундай дейиш ўзига хос жасорат эди.

Фарзандларини қанотлари остига олиб эшик томон бир қадам қўйган Асадбек тўхтаб, аъёнига ўгирилди. Портлаш ўрнига Жамшид учун кутилмаганда ҳорғинлик билан:
— Гапинг тўғри, — деб ўғилларини қанотидан чиқарди.

Жамшид йигитлар билан енгил-элпи кўришиб олгач, капитан чақиртирган милиса иштирокида жомадонларни очди. Шу онда телефон жиринглади. Навбатчи гўшакни қулоғига тутиб, ўзини танитгач, Асадбекка қаради-да:
— Ҳа, шу ерда, — деди. Сўнг эшитган буйруғига итоаткорона тарзда: — Хўп бўлади, — деб Асадбекни чақирди: — Асад Абдуллаев, сиз мен билан юринг.

Жамшид ҳам, ўғиллар ҳам кутилмаган бу йўқловдан ажабланиб, капитанга савол назари билан қарадилар:
— Сизлар ишингизни давом эттиринглар, бу ўртоқ ҳозир қайтади, — капитан шундай деб Асадбекни даҳлиз бўйлаб бошлади. Даҳлиз адоғига етганида ўгирилиб, Асадбекка: «Шу ерда тўхтанг», деб амр этгач, ўнг қўлдаги эшикни тақиллатди.

«Тўхта, деворга ўгирил, қўлингни орқага қил!» демади, шунисига шукр, — деб ўйлади Асадбек. — Мени ким чақирди, мақсади нима? Ўз оёғим билан озод юриб келиб, маҳбус бўлиб чиқмасайдим...»

Бу хаёл васваса ҳосили эмасди. Хонгирейдай одам бир қилиқ билан ўғиллари ўрнига ўзини тиқиб қўйиши ҳеч гап эмасди. Агар ҳозир ичкарида тиржайиб ўтирган Хонгирейни кўрса Асадбек мутлақо ажабланмаган бўларди.

Киришга рухсат бўлгач, капитан Асадбекнинг ортидан эшикни оҳиста ёпди. Асадбек ичкари кириб салом берди. Чарм палтосини ечмай стулда эмас, столда ўтирган йигит саломга алик олиш ўрнига ўзини «КГБ ҳодими», деб таништирди. Гувоҳномасини кўрсатмади. Асадбек эса талаб қилмади.
— Абдуллаев, биздаги маълумотга қараганда Афғонистонда тайёрланган кокоин сен орқали Россияга узатилар экан.

Йигитнинг дабдурустдан сенсираши Асадбекка малол келса-да, ғазабини ютди. Чунки қўяётган айби олдида бу сенсираш ҳеч гап эмасди. Хонгирейнинг асл мақсади шу айбномадан сўнг ойдинлашгандай бўлди. «Дардинг мени йўқ қилиш экан, нима қилардинг болаларимни эзиб», деб ғижинди.

Саволга дарров жавоб бермагани учун чарм палтоли йигит ўрнидан туриб унга яқинлашди:
— Биз ҳатто наркокурерларингни ҳам биламиз.

Асадбекнинг талвасага тушишини кутган йигит унинг кўзларига тикилиб хавотирни кўрмади.
— Ким бўлса ҳам сизга нотўғри маълумот берибди. Мен ҳеч қачон қора дорига аралашмаганман.
— Ҳа, — йигит тисарилиб яна столга омонат ўтирди: — Гапинг тўғри. Бизда бунақа маълумот ҳам бор. Хўш, қайси бири ҳақиқат?
— Иккинчиси.
— Қара, фикримиз бир ердан чиқди: мен ҳам ҳамкасбларимга шундай дедим. Аммо улар ишонишмаяпти. Уларни ишонтириш учун нима қилиш керак?

Асадбек елка қисди-ю, «билсанг ўзинг айт» дегандай унга қараб тураверди.
— Сен биз билан ҳамкорлик қилишинг керак. Тушуняпсанми? Ҳеч бўлмаса бир-иккита наркокурерни бизга тутиб берасан. Мулоҳазага ўрин йўқ. Кўнишга мажбурсан. Ҳар ҳолда ўғилларингни бекорга чиқармаяпмиз. Улар гаровда, билиб қўй!

Чиндан ҳам тортишиш, мулоҳаза юритишга фурсат йўқ эди.
— Ким билан боғланаман?
— Сен билан ўзимиз боғланамиз. Энди боравер. Уйингга қайтиб, тўйингни бошлайвер. Қўрқма, энди сен бизнинг ҳимоямиздасан.

Асадбек паст овозда «хайр» деб хонадан чиқди. Саломига алик олинмагани каби хайрлашишига ҳам лутф қилинмади.

Жамшид билан ўғилларининг савол билан қарашларига жавобан:
— Тезроқ бўлларинг, мен тоза ҳавода тураман, — деб ташқарига юрди.

Кўчага чиқди-ю, қуруқ қор бўрони юзига урилиб нафаси қайтди. Палтосининг ёқасини кўтариб, бошини тошбақа каби ичига тортди. Москванинг совуғига мосланмаган юпқа палтоси бўрон ҳамласини қайтара олмади. Бир пасда баданига муз югуриб қақшай бошлади. Изига қайтмоқчи бўлганида беш қадам нарида, кўча четида қорга бурканиб турган «Волга» эшиги очилиб Жамшиднинг шериги тушиб келди:
— Бек ака, бўлдими, чиқишдими? — деб сўради.

Асадбек «ишинг нима!» деб жеркимоқчи бўлди-ю, қўл қовуштириб сомеъ турган йигитни ўкситгиси келмай қисқагина қилиб:
— Ҳа, — деди.
— Ҳайрият-э, Бек ака, мошина иссиқ, ўтириб туринг. Мен ичкарига кирайми?

Йигит энди ҳаддидан ошган эди. Шу боис бу сафар хожасининг ғазабидан бенасиб қолмади:
— Жойингга бор, ишингни қил!

Йигитнинг маҳмаданалиги ғашини келтиргани учун у таклиф этган иссиқ машинага бормай жойида тураверди.

Унинг хаёллари кўчада сарсари кезаётган қор бўрони каби тўзиган эди. «У мени кутиб ўтирган эдими? «КГБ ходимиман» деганида ишониб қўя қолганим яхши бўлди. Гувоҳнома сўрасам гап майдалашарди. Майли, мени калтафаҳм деб ҳисоблаб ўтираверсин. Агар унинг КГБ эмас, Хонгирейга тобе лайча эканини билмасам, унда чиндан ҳам пайтавафаҳм бўламан. Хонгирей қорадорифурушликка тоқатим йўқлигини билади. У ўзича усталик билан қўл-оёғимни боғлади. Агар ҳароми Ҳайдар билан тил бириктирган бўлса, ишини қилаверади. Мен нодон эса наркокурерларни аниқлаб, хабарлайман. Бу маълумот тўғри Хонгирейнинг қўлига бориб тушади. У энағар илгаритдан қанжиқ[4] эди. Мени ҳам ўзига ўхшатяпти шекилли? Яхши, ўхшатса ўхшатиб турсин. Мен унга ўхшаган паст ўғри эмасман. Меники битта гардкам бўлади. Остидан ҳам устидан ҳам қўпориб ташламасам юрган эканман. У башарасига ниқоб тақиб арслонман деб кериляптими? Башара арслонники, дум эса тулкиники. Э, нодон, ўша тулки думингнинг остига сенинг...» Асадбек шундай деб сўкиниб ён томонга ўгирилганича тупурди.

Биринчи жомадонни кўтариб чиққан Жамшид:
— Бек ака, совуқда турманг, юринг, — деди меҳрибонлик билан.

Асадбек Чувриндига қандай итоат этган бўлса, Жамшидга ҳам шундай бўйсуниб, эргашди.

Кўчада турганида этини зириллатган совуқ меҳмонхонага борганида кучини кўрсатди. Баданида безгак титроғи туриб, ҳолдан тойди. Жамшид устма-уст жунчойшабга ўраб қўйса ҳам исимади. Хожасининг титроғи пасайиш ўрнига зўраяётганини кўрган Жамшид ресторанга қўнғироқ қилиб қайноқ карам шўрва билан ароқ буюрди. Айтганлари муҳайё бўлгач, шишадаги ароқнинг ярмини хожасига зўрлаб ичирди. Асадбек карам шўрвадан уч-тўрт қошиқ ичгач, пешонасида тер маржонлари кўринди. Жамшид зўрласа ҳам шўрванинг ярмидан камроғи қолди. Шундан сўнг Жамшид хожасини ечинтириб, баданини ароқ билан обдон артиб, худди чақалоқни йўргаклагандай ётқизиб қўйди. Ана шу амалдан сўнг Асадбекнинг баданига илиқлик югуриб совуқ титроқ азобидан қутулди. Ҳатто ташвишли гаплардан ҳам йироқлагандай бўлиб ўзи сезмаган равишда оромли уйқуга кетди. Аммо бу ором олами уни бағрида узоқ ушлаб туролмади. Бир соатга етар-этмай у яна ташвишли дунёсига қайтди.

Ювиниш хонаси томондаги ғўнғир-ғўнғир товушлар қулоғига кирмаганида узоқроқ ухлаши мумкин эди. Аввалига буни кўраётгани мажҳул тушга оид товушлар деб ўйлади. Товушлар аввал унинг сезгиларини уйғотди. Сўнг кўзлари очилди. Бир зум қулоқ тутиб ётди-да:
— Маҳмуд, ким келди? — деб сўраб қаддини кўтарди.

«Жамшид» демай «Маҳмуд» деб юборганини ўзи ҳам сезди. Жамшид эса устози ўрнини эгаллаётганини фаҳмлади. Ётоқ эшигини қия очиб:
— Маматбей келди. Хонгирейнинг саломи бор эмиш,— деди.
— Ҳа... келибди-да, жуда яхши. Ҳозир кийиниб чиқаман. Сен чой-пой буюр.
— Ўтирмас эмиш. Сизни олиб кетгани келганмиш. Менам тайёрланайми?
— Сен укаларинг билан қоласан. Хонгирейинг билан ўзим би-ир отамлашай.
— Шеригим борақолсинми?
— Кераги йўқ. Бу сен ўйлагандақа учрашувмас. Яраш-яраш бўлади. Акангнинг зиёфатини еймиз бугун. — Асадбек кийина туриб шундай деди-да, заҳарли тарзда кулимсираб қўйди.

У Хонгирейдан чопар келишини кутган эди. Шу сабабли милисахонадан чиқишгач, меҳмонхонага боражагини билдирди. Хожасининг мақсадини англамаган Жамшид ажабланиб қараб қўйиш билан қаноатландию «Ичкарига чақиришганда бир гап айтилгандир-да», деган ўй билан чекланди. «Нега чақиришибди, тинчликми?» деб сўрашни хаёлига ҳам келтирмади. Айтиш лозим бўлса, хожасининг ўзи айтарди. Сир сақладими, демак, бу сир қалъасининг эшиклари Жамшид учун тақа-тақ берк. Очишга уринишлик эса энг камида сўкиш билан мукофотланади.

Асадбек милисахонадан тўғри «Домодедово» деб аталмиш жойга қараб бормоғи, икки соатдан сўнг эса учоққа ўтириб уйига жўнаб қолиши ҳам мумкин эди. Шундай қилса унинг ҳар қадамига тикилиб, кузатиб турганлар жуда бўлмаганда қўрқоқлик тамғасини босар эдилар. Ёки юклар қайта текширилиб бирон машмаша чиқарилмоғи муқаррар эди.

Асадбек кийиниб даҳлизга чиқиши ҳамон Маматбей қучоқ очиб кутиб олди.
— Ҳа, эски оғайнилар топишиб олдингларми? — деди Асадбек енгил пичинг оҳангида.
— Ў, жан гардашим, бу ўғлунг чўх буюк инсан. Бек гардаш, таъзияларими қабул эт. Маҳмутбей чўх буюк инсан эди. Афсуслар чекмакдамиз, афсуслар.
— Оғанг Хонгирей қалай, дурустми?
— Ташаккур сана, гардаш. Сана Хангирейнинг саламлари вар.
— Эрталаб зиёратига бораман деб турувдим.
— Зиярет биздан лазим ўлур, Бек гардаш. Санда биза кўнакдирсан. Санида азиз этиб башларимиза кўтаражакмиз. Хонгирей орқадаш бу онда сани кутмакдадир.
— Кутаётган бўлса кетдик.
— Жамшидбейда бизим ила боражакми?
— Йўқ. У укалари билан шаҳар айланмоқчи бўлиб турувди, шаштини қайтармайлик.

2

Милисахонадан чиқиб, машинага ўтиришгач, ор-қадаги ўғиллари томон қия ўгирилиб:
— Қийнашмадими? — деб сўраганида Абдусамад:
— Йўқ, — деб жавоб қилган, Абдулҳамид эса:
— Фақат билакдан қон олишди, — деб қўшимча қилган эди.
— Нега қон олади? — деб ажабланганди Асадбек.
— Қорадорини ўзимиз истеъмол қиламизми, йўқ-ми — билишмоқчи экан, — деб изоҳ берганди Абдул-ҳамид.

Асадбек «қийнашмадими?» деб сўраганда тан азобларини назарда тутган, Абдусамад ҳам айни шу маънода «йўқ» деб жавоб қилган эди.

Одатда милисахонага тушиб чиққан ҳар бир одамдан шундай деб сўрашади. Ҳеч ким, ҳеч қачон руҳ азоби билан қизиқиб кўрмайди. Кўп қатори Асадбек учун ҳам болаларининг калтакланмагани муҳим эди. Руҳларининг фарёдини эса у эшита олмас эди. Зотан, айни дамда ўзининг безовта руҳи ҳам чинқириғини бас қилмаган эди.

Тангри таоло бандаларини хўп ажиб тарзда яратмиш экан. Ҳуда-беҳуда йиғлашни, уввос тортишни аёлларга касб қилиб бериб, баъзи-баъзида йиғлаши мумкин бўлган эркакнинг хўнграшини хунуклик либосига ўраб қўймиш экан. Бу йиғининг зоҳирий кўриниши. Ботиндаги руҳларнинг фарёдига ҳам товуш ато этилсами, дунёнинг қулоқлари қоматга келарми эди...

Абдусамад юкларни текширишда бошланган машмаша қўлга кишан урилиши билан якунланади, деб сира ўйламаган эди. Сермулоҳаза, босиқ табиатли бўлган бу йигит ўртада бир қинғир ўйин бошланганини фаҳмлаб, кўпам талашиб-тортишмади. Қони кўпирган, олишмоқ иштиёқидаги укасини ҳам оғир бўлмоққа ундаб турди.

Алоҳида хонага қўйилганларида Абдусамад сездики, бу томошани тайёрлаганлар эҳтиёт чорасини унутмаганлар. Терговга чақирилмаётганларидан фаҳмладики, бу томоша замирида унинг ақли бовар қила олмайдиган бир сир-синоат мавжуд. Бу сир-синоатнинг илдизи отасининг қилмишларига бориб тақалишини у тасаввур қилиб кўрмади. Алҳол, бу иғвога хориждаги ҳаётимиз сабабдир, деб гумон қилди.

Улар ўқишга кетишаётганда Берлин девори ҳали маҳв этилмаган бўлса-да, Ғарб деб аталмиш дунё билан оралиқдаги тўсиқлар олина бошланган эди. Сиёсатчилар Совет Иттифоқининг ташқи олам билан муносабатида яхшилик сари бурилиш содир бўлаётганини мақтаётган онларида ўқиш учун Олмонияга отланган ака-ука махсус суҳбатга чорланиб, ватандошлар билан яқин алоқага кириш баробаринда уларнинг орасидаги гап-сўзлардан хабардор қилиб туриш вазифаси топширилди. Тақдир ёзуғи шундай эдики, махсус топшириқсиз ҳам улар ватандошлар билан яқин алоқа ўрнатдиларким, оқибат бу алоқа никоҳ билан якунланди. Никоҳ ҳақида гап чиқишдан аввал ҳам, тўй арафалари, кейин ҳам ака-ука махсус топшириқни эслаб туришарди. Сўралгудай бўлса сўровчиларни қандай чалғитиш маслаҳатини пишитиб олишарди. Бироқ, Олмонияда «топшириқни бажаряпсизларми?» деб биров йўқламади.

«Энди шу иғво баҳонасида сўрашадими? Сўраш учун бу ерга олиб келиш шартмиди?»

Дунёнинг кўп қинғирликларидан бехабар ака-укалар «махсус топшириқ фақат бизга берилди», деб ўйлашганди. Хорижга чиқаётган ҳар бир одам зиммасига шундай топшириқ юкланишидан, четдаги ватандошларнинг хатти-ҳаракатлари, мақсадлари, гап-сўзлари буларнинг хизматисиз ҳам махсус идораларга маълум эканидан бехабар эдилар.

Вақтинчалик қамоқхонанинг темир панжарали эшиги шарақлаб ёпилгач ака-ука узоқ вақт гап-сўзсиз ўтирдилар. Абдусамад гумону тахмин, фаразларини тарози палласига бир-бир қўйиб кўргач, уф тортиб:
— Биз ростданам гўл сичқонлар эканмиз, — деб қўйди.
— Нима дединг?

Оралиқдаги фарқ бир ёш бўлгани сабабли Абдулҳамид акасини кўп ҳолларда сенсирарди. Фақат ота-онаси ҳузурида танбеҳ эшитмаслик учунгина сизлаб қўярди. Укасининг бу қилиғига кўникиб кетган Абдусамад ҳозирги сенсирашга ҳам аҳамият бермади.
— Устознинг гаплари эсингдами? — деди укасига қараб.

Эсида...

Ватанга қайтиш куни, вақти аниқ бўлгач, доктор Худоёр уларни меҳмонга таклиф этди.
— Мени авфу айлангиз жигарбандларим, сизлар учун вақтимдан бир соатни белгиладим. Қаҳва ичиб сўзлашажакмиз. Сўнг менинг юмушларимда вордур.

Устозларининг немисларга хос меҳмондўстлиги уларга янгилик эмасди. Зиёфатларда маишат қилиб узоқ ўтириш ёки уйда зиёфат ташкил этиш унинг табиатида йўқ эди. Шогирдлари билан мулоқотда бўлганида «енглар, ичинглар, аммо исроф қилманглар» ояти калимасини тез-тез тилга олар, «исроф қилмаслик фақат таомгагина нисбат эмасдур, вақтга ҳам тааллуқлидир, валлоҳи аълам. Қиёмат куни беҳуда исроф этган умримиз учун ҳам ҳисоб беражакмиз. Ҳамонки, бешикдан қабрга қадарли илм олмоқлик бизларга фарз этилмиш экан, вақтни зое кетказмакдан биза қандай наф келур?» деб насиҳат қиларди.

Ватандошлар доктор Худоёрнинг бу табиатини ҳазм қила олишмас, «илмдаги омад уни кибрга олиб борди», деб афсусланишарди. Гап келганда отасини аямайдиган доктор Худоёр Саъдуллохонга ўхшаганлар билан тез-тез баҳслашиб «Сизлар Ватан ҳижронида эмас, бойлик ҳасратида юрган бандасизлар», деб уларнинг наф-ратини қўзирди. Унинг аччиқ ҳақиқати фақат Музаффархонгагина маъқул бўларди. Шу боис уйидаги бирон-бир йиғин Худоёрсиз кечмас эди. Ана шу яқинлик оқибатда тўрт ёшни бир-бирларига қовуштирди.

Доктор Худоёрнинг чорлаши ўзига хос хайрлашиш маросими эди. Устоз Ватанга қайтаётган шогирдларига ҳаваси келаётганини қайта-қайта таъкидлаб:
— Дунёда омматан абадий ўлан ҳеч нимарса йўқтур. Хоссатан Ватаннинг истилодаги умрининг адоғи кўринмакдадир. Оҳким, мана бу қадар чўх марҳаматлар этган Тангрим яна биргина каромат этса-да, ман Ватан озодлигин кўрсам, Ватан эрки хусусиндаги даракни эшитсамгина бас, орада тўрт уммон ўлса-да, сузиб ўтажакман, Ватан туфроғин ўпажакман! Банда учун шу бахтнинг ўзи басдир. Банда бандага таъзим этмас, аммо ман — банда Ватан истиқлолин олам аро овоза этмиш бандага таъзим қилажакман. Сиза сўзим шулдир, азизларим.
— Биз билан бораверсангиз бўларди. Тўйимиз баҳонасида орзуга етардингиз. Сиз — олимсиз, советларга ёмонлиғингиз йўқ. Москвага бордингиз, индашмади-ку?
— Оҳ, жигарларим, қалбимдасиз! Ман қўрқув исканжасидаги ожиз бир банда эмасдурман. Манинг-да бу кўзларим истилодаги юртни эмас, ҳур Ватанни кўрмак истаюр. Қалбим топталмиш туфроғни эмас, озод ўлмиш заминни ўпмакни орзу этиюр. Ожиз фикрим айтурки, бу кунлара инша Оллоҳ, тезда етажакмиз. Унга қадар эса эҳтиёт ўлмоғингиз жоиздур. Жон талвасасидаги бу беасллар иблис эплолмаган ишларни-да қилмоққа қодирдирлар. Ўтмиш ёз чоғиндаги месхетиялик орқадошларимизга қилинмиш иғволарни унутмаслик шартдир. Советнинг тавбаси мушукнинг тавбаси ила оҳангдош ўлмиш. Англаюрмисиз? Мушук ила сичқон хусусинда чўх ривоятлар битилмиш. Мазкурлар орасинда ибрат шулким, бир қари мушук ўлар олдиндан гўёким инсофга кирмиш экан. Сичқонлара мактуб битиб тавбаларини изҳор этибдур ва яна дебдурким «сизлара бир зиёфат берсам-да сўнгра жон версам. Сичқонлар бу ваъдага инониш ёхуд инонмасликни-да билмай донишмандга юз тутмиш эканлар. Донишманд дебдики: «Мушукнинг тавбасига зинҳор инонмангиз. Ўлиб, кўмиб-да қўйилмиш мушукнинг бир дона мўйлаби туфроқдин чиқиб турганини кўрмоқ бўлсангиз-да ҳов наридан айланиб ўтмагингиз дуруст ўлур». Сичқонларнинг жўжуқлари насиҳатга зид ўлароқ мушук ҳузурина борибдилар.
— Дунёда ҳеч бир мушук шу онга қадарли тавба қилмаган эди, сен нечук истиғфор айтмакни ихтиёр қилиюрсан? — деб сўрабдилар.

Дўмбоқ сичқонларни кўрган мушукнинг-да феъли ўша он айнибди, нияти-да бузулибди.
— Сенлар айт-чи мана, сенлар инсофсизми ёки мен? Сенлар нечун қопнинг оғзи очиқ ўлгани ҳолин-да остидан тешасанлар? Мен шу саволга жавоб истаб сенларни йўқлаган эдим.

Мушук шундай дебди-ю, нодон сичқонлар унинг нонуштаси бўлибдилар экан...

Мана шу ривоятни айтиб доктор Худоёр совуб қолган қаҳвага узоқ тикилиб, жим қолган эди.

Москва милисахонасининг вақтинчалик қамоқхонасида ака-ука ўша хайрашув онларини, устози айтиб берган ривоятни эслашди.
— Сичқонлар нодон бўлишса ҳам «тавба қил!» де-йишга улгуришибди-ку, — деди Абдулҳамид акасининг гапига жавобан.
— Совуқ нафас қилма, нима, бизни ҳозир шартта отиб ташлашармиди?

Абдулҳамид «буни Худо билади», дегандай қўл силтади.

Уларнинг ҳибсдаги соатлари адоғига етиб, эркинликка чиқишгач, тўғри уйга қайтиш ўрнига меҳмонхонага бориб қолганларидан ажабланишди. Жамшид хожасини муолажа қилиб чиққач, «Нега уйга кетмаяпмиз?» деб уни сўроққа тутишди. Негалигини кошки Жамшид билса. Бир кўнгли «Аданглардан ўзларинг сўранглар», демоқчи бўлди. Бироқ, гапни чувалаштирмаслик учун «Бек акамнинг бу ерда қиладиган ишлари бор экан, эртага қайтадиган бўлдик», деб уларни тинчитди. Эртага қайтар-қайтмаслигини ўзи ҳам аниқ билмаса-да, шундай деди. Агар эртага ҳам Москвада қолсалар «Бек акамнинг ишлари битмабди», деган баҳонани айтишдан осони йўқ.

Асадбекнинг баданидан иссиқ ўтиб ухлаган дамда ака-ука уйга телефон қилиб оналарининг безовта юрагини тинчлантирдилар.

Жамшид эса ётоқнинг эшиги ёнига стул қўйиб ўтириб, оёқларини узатиб чалиштирди-да, бошини бетон деворга ёпиштирилган гулли қоғозга тираб мизғиди.

3

Асадбек одатига кўра орқа ўриндиққа ўтирмоқчи бўлиб машина эшигини очган эди, Маматбей тўхтатди:
— Бек гардашим, янима ўлтур, суҳбатлашиб кетажакмиз, — деди кулимсираб.

Асадбек унинг гапига эътибор бермай орқага ўтириб, эшикни ёпди-да:
— Орқадаги хатар ёмон-да, а? — деди.
— Хатар дединг? — Машинани ўт олдирган Маматбей кулимсираб бош чайқади. — Сендан хатар кутмаклик мен учун чўх нодонликтур.
— Маматбей, қардош, хатар деганлари сен билан менга ўз соямиздан ҳам яқин. Кимдан қандай мукофот олишингни билмайсан.
— Чўх гўзал фалсафа сўйладинг, гардаш. Хатар ҳам, ўлим ҳам бизлара ҳамроҳ ўлур.

«Ўлим-ку, бизлара билан бирга туғилган. Хатарни эса ўзимиз арзон-гаровга сотиб олганмиз», деб ўйлади Асадбек. Маматбей эса «Гапим унга ёқди», деган хаёлга бориб, рўпарасидаги кўзгу орқали Асадбекка бир қараб олди.

Бўрон тинган бўлса-да, осмон Асадбекнинг кўнгли каби тунд эди. Баланд-баланд иссиқлик минораларидан сизиб чиқаётган буғ оғир булутлар қатламини ёриб ўтишга ожизлик қилиб, кўп қаватли иморатлар томлари узра енгил сузади. Яхмалакка қарши сепилган туз кучини кўрсатган, серқатнов кўча юзини қоплаган қор қоп-қора аталага ўхшаб кетган эди. Олдиндаги машиналарнинг орқа ғилдиракларидан отилган бу атала-балчиқ баъзан пешойнага зарб билан урилиб, қора парда ҳосил қиларди.

«Ҳаёт ҳам шу аталага ўхшаб қолди, — деб ўйлади Асадбек, — Баъзан кўзингга сачраб кўр қилай дейди».

Ҳамроҳининг жимиб қолгани Маматбейга ёқмади. У хўжайинидан «йўл-йўлакай гаплашиб, кайфиятини бил. Дардини ичига ютса ҳам, узоқ чидолмаса керак», деган топшириқ олган эди.
— Ай гардаш, хаёлларинг қувибла ташла. Киши киши ила сўйлашмагидан улуғ ўлан чўх гўзал нарса йўқтур.
— Гапингнинг мағзини чақиб кетяпман, — деди Асадбек кулимсираб. — Менга қара, сен ўзинг ўлимдан қўрқасанми?

Маматбей йўлдан кўз узмаган тарзда бош чайқаб:
— Йўқ — деди. Сўнг таъкидлади: — Қўрқмайман.
— Сен шундай деб ўзингни алдайвер. Бошқаларни лақиллатма. Ўлимдан қўрқмайдиган одам бўлмайди.
— Мен қўрқмайман. Мен жўжиқларимнинг етим қолишидан қўрқаман, гардаш.
— Али хўжа, Хўжа Али, — деди Асадбек.

Маматбей бунинг маънисига тушунмай орқасига тезгина ўгирилиб, Асадбекка қараб олди:
— Англамадим, на дединг?
— Ҳар иккови ҳам бир демоқчиман.
— Ўзинг-чи? Қўрқмайсанми?
— Ҳамма қўрқади...

Асадбек инсон зоти борки, барчанинг ўлимдан қўрқишига амин бўлса-да, «мен ҳам...» деб тан олишни истамади.

Абдураҳмон табибнинг уйида шифо умидида яшаган кунларнинг бирида худди ҳозиргидай ўлим ҳақида сўз кетган эди. Ўшанда табиб айтган фикр Асадбекка маъқул келиб, ёдига муҳрлаган эди. Алҳол ўша гапларни эслади: «Инсон ўлим ҳақида дастлабки таассуротга эга бўлган ондан бошлаб ўзига осон ўлим излайди. У гўё ҳаёт кечираётгандай бўлади. Баъзан гўё бахтсизлик саҳросида азоб чекади. Банда билмайдики, бахтли кунида ҳам, бахтсиз қора кунида ҳам у асли бир юмуш билан машғул — ўлимини қувиб бораётган бўлади. Маррага қачон, қай тарзда етади — ёлғиз Оллоҳга маълум. Ҳар ҳолда сира кутилмаган, исталмаган онда етади бу манзилга...»

Табибникидан уйга қайтганида бу ақлли гапни Чувриндига айта туриб:
— Ана шунақа, ўлимни қува-қува етолмай қайтиб келдим шекилли. Менга чап берди ўлим, — деган эди. Чувринди эса:
— Чап бергани рост бўлсин, — деб бошини қуйи эгиб нималарнидир ўйлаганди. Ўшанда Асадбек бу ҳолатга унча эътибор бермовди. Ҳозир қоронғи уйда бирдан чироқ ёқилиб, хонадаги барча ашёлар аниқ-тиниқ кўрингани каби ўша манзара кўз олдида гавдаланди. «Ўшанда ўлимни ўйлабмиди? Маррасига яқинлашганини кўнгли сезибмиди?..» Уларнинг бу суҳбатлари табиатнинг ўлим фаслида — қузда бўлган эди. Туғилиш фасли — баҳор арафасида Чувринди маррасига етди. Осонлик билан етди. Асадбек каби қувиб-қувиб чарчамади.

«Чувриндини Кесакполвон ўлдиртирган», деган гумон билан яшаётган Асадбек ўлим сиртмоғининг бир учи бу томонларда эканини ўйлаб кўрмаган эди. Ҳозир гумонлар тоғининг чўққилари ана шу ҳақиқат чақмоғи нуридан ёришгандай бўлди. «Ҳайдар ўзича журъат этолмаган бўларди», деган фикр бу ҳақиқатга қувват берди. «Маҳмуд Шомил билан келганда қанақа гаплар бўлиб ўтган? Шомилнинг калласи олинганини мендан яширган эди. Яна қанақа гапларни яширган? Хонгирейга нимаси ёқмай қолган? Хонгирейнинг мақсади менинг қанотимни қирқишмиди? Ё «Сен Ҳосилни ўлдирдинг, мен ўзингни эмас, энг яқин одамингни...» демоқчими? Энди Ҳайдар билан топишдими? Бўлиши мумкин, икки ўғри бир-бирининг тилини тез тушунади...»

Ўғилларининг ташвиши чиқиб қолмаганида шу кунлар ичиёқ Асадбек Кесакполвонни сиқувга ола бошламоқчи эди. Ҳозир «буйруқ бу ёқдан бўлган», деган тўхтамга келгач, «тегмай турганим яхши бўлган экан», деб қўйди.

Маматбей рўпарасидаги кўзгу орқали Асадбекка икки-уч қараб олди. Ҳамроҳининг хаёлларини қандайдир гумонлар исканжага олаётганини сезди. Унинг хўжайинига «қандайдир» эмас, аниқ гап керак. Асадбек ҳам нодон эмаски, бир-икки гапга лақиллаб ичидагиларни дастурхон қилиб ёйса. Маматбей буни ҳам билади. Билса-да, «чиқмаган жондан умид», деганларидек, бирон гапни гуллаб қўярмикин, деб умид қилади.
— Ай гардаш, эрта қаримакдан сақлан, кўп ўйланма. Наларни ўйламакдасан, яна ўлимми? Қўй ўлимни. Ўлим лаблариндан ўпич олмоғимиз чўх узоқдир. Аллах сени-да, бизни-да роҳат ила яшасин, деб яратмиш экан, мен роҳата тўйганим йўқтур. Сен-да тўймагансан. Ўйнамак ва кулмак, кулмак ва ўйнамак керак! Гула-гула яша, гардаш! — Маматбей шундай деб кулди-да, орқасига ўгирилиб қараб олди.

Асадбек қарашидаги жиддийликни ўзгартирмагач, кулгисининг умри қисқа бўлди. Асадбек «Абдураҳмон табибнинг гапларини айтиб берсаммикин», деб ўйлади. Аммо «бу пайтавафаҳм тушунармиди», деган мулоҳазада гапдан тийилди. Асадбек «мен кимману у ким? У бир лайча бўлса...» деган фикрда суҳбатлашишни истамади. Маматбей машинанинг олд ўриндиғига таклиф қилганидаёқ «бир лайча-ю, ўзини хондай тутади-я!» деб ғижинган, ўзининг кимлигини таъкидлаб қўймоқ мақсадида ортга ўтирган эди. Йўл-йўлакай суҳбатга чорлашга интилаётганидан мақсад не эканин ҳам билди. Бу ҳам тилининг тийилишига сабаб бўлди. Лекин индамай кетишни ҳам маъқул кўрмади. Буларни сергаклантириб, ўзгача ўйга бошлаб қўйиши мумкин бўлгани сабабли машина «Динамо» стадиони ёнидан ўтаётганида:
— Қаёққа кетяпмиз? Ҳали узоқми? — деб сўради.
— Роҳатсиз ўлма, аз қолди. «Сокол» метросиндан чап тамон ўтажакмиз, унда гардашимиз чўх гўзал бир ресторант япмиш. Номи-да чўх гўзалдир: «Лебединая песня»!

Асадбек бу номни, унга берилган таърифни эшитиб ажабланди. «Гапининг маъносини биладими?» деган фикрда сўради:
— Номини нима дединг?
— «Лебединая песня», яъниким, «Аққуш қўшиғи»! Чўх гўзал, а?
— Ҳа, гўзал, — Асадбек шундай деб ҳамроҳининг кўнглини кўтариб қўйди. Ўзининг кўнгли эса яна хуфтон қоронғулигига юз бурди. Чунки у «оққуш қўшиғи»нинг асл маъносини биларди: айтадиларким, оққуш ўлими яқинлашганини пайқаб, баландларга парвоз этарканда ҳаётидаги сўнгги қўшиғини куйларкан...

«Оққуш қўшиғи» — демак, ўлим даракчиси. Шуб-ҳасизки, Маматбей мақтовини келтирган «гардаш» Хонгирейнинг одами. Ресторан ҳам уники. Оққуш қўшиғининг маъносини билиб, тушуниб қўйганларми ё бу бир тасодифми? Ё бу ер Хонгирей ҳукми адо этиладиган масканми? Бу ресторанга меҳмон бўлиб кириб, мурда бўлиб чиқилмайдими?

4

Эллигинчи йилларда қурилган маҳобатли иморатнинг ертўласи қайта жиҳозланиб ресторанга айлантирилган эди. Уқувсиз рассом қўли билан чизилган оққуш расми ва «Ристоран «Лебединая песня» деган ёзув бўлмаса бу ернинг оддий ертўлалардан фарқи йўқ эди. Ташқи томонига зеб берилмаганидан бу ресторан махсус одамлар учунгина хизмат қилишини, ортиқча шов-шувга муҳтож эмаслигини билса бўлади.

Зинадан пастга тушаётган Асадбек «Ҳамма ҳашами ичидадир», деб ўйлаб янглишмади. Тунги маишатларга мўлжалланган хос хоналар дид билан безатилган эди. Кундуз куни бўлгани учунми ё Хонгирей «Ҳеч ким қўйилмасин», деб амр этганми, ҳар ҳолда хизматчи йигитлардан ташқари ҳеч ким кўринмади. Хос хоналардан ҳам товуш чиқмади.

Асадбек телпагини ечиб хизматчи йигитга узатаётган дамда Маматбей унга қаради-ю, оқариб кетган сочларини кўриб таажжубланди. «Қачон бунчалик оқарди? Ё бўятиб юрармиди?» деган саволига жавоб топишга ҳаракат ҳам қилмай, Асадбекни каттароқ зиёфатларга мўлжалланган кенгроқ хонага бошлаб кирди.

Йигирма беш кишига мўлжалланган стол усти олийшон макондаги каби ноз-неъматлар билан тўлдирилган эди. Эти устихонига ёпишган, кал боши чироқ нурида ялтиллаб турган, кўзлари маъносиз равишда чақчайган одам дастурхон тўрини эгаллаган эди. Хонгирей эса унинг муқобилида даханини муштумига тираганича тикилиб ўтирарди. Маматбей кириб салом бергач, Хонгирей орқасига ўгирилди. Асадбекни кўриб аввалига ажабланди. Маматбейнинг хаёлини ёритган савол унга-да насиб этди. Унинг ажабланганини Асадбек сезди. «Ҳали ҳам тирикмисан?» деб ҳайрон бўляпти шекилли?» деган фикрга келиб, «Сен учун афсуслар бўлсинким, Худога шукр тирикман», маъносида жилмайиб қўйди.

Асадбекнинг чеҳрасини силаб ўтган жилмайиш Хонгирейга таъсир қилди. Тунд юзи ёришди. Ўрнидан турди. Узоқ вақт кўришмай соғинган қадрдон каби қучоқлади. Шарқликларга хос одоб билан аввал ўнг, сўнг чап бетини бетига қўйди.

Унинг бу тарзда кўришишидан таажжубланган Асадбек «Бу бола ўғри эмас, артист бўлиши керак эди», деб ўйлади.

Хонгирей қучоғидан бўшаган ондан бошлаб Асадбек унинг кўзларига тикилди: бирон маъно уқмади. Асадбек унинг қарашида ошкорами ёки яширинми «Ўғилларингни қўлга тушириб бопладимми? Мен билан ўчакишадиган сенмисан ҳали?!» деган маъно бўлиши керак, деган фикрда эди. Хонгирейнинг қарашида ҳам, ҳаракатларида ҳам бу фикрни исбот этишга арзигулик ҳолат кўринмади.

Улар кўришаётган онда тўрдаги одам тили ғўдираган равишда:
— Афтандил! — деб чақирди.

Хонгирей ўгирилиб ўз тилида бир нима деди. Чақчайган кўзлари юмилай деб турган кал ҳам нимадир дегач, Хонгирей Асадбекнинг билагини ушлаб ўтиришга жой кўрсатди.
— Бу менинг отам, — деди Хонгирей. — Сен билан ичишни хоҳлаяпти. Сен ундан ирганма. Унинг турган-битгани шу. Мен уни шу ҳолича ҳам яхши кўраман. Чунки у менинг отам. Кутаисига борган эдим, қайтишда овулга кирсам отам ётиб қолибди. Жигар қуриб битганмиш. Дўхтирлар «яқинда ўлади», дейишибди. Онам ҳам қизиқ аёл. «Касал экан, ўлар экан», деб ароқ бермай қўйибди. Бир ёқдан касаллик азоби, бир ёқдан хумор азоби отамни еб ташлабди. Ҳолига қарагин... Чиндан ҳам унинг елкасида Азроил ўтирибди. У умр бўйи ичди. Онамдан яшириб ҳам ичди, уришиб ҳам ичди, ялиниб ҳам ичди. Энди ўладиган пайтда қийнашнинг нима кераги бор? Тўғрими? Ичсин, тўйиб-тўйиб ичсин, армонсиз кетсин.

Хизматчи йигит кириб бўғзи оқ сочиқ билан ўралган шишадаги ароқни қадаҳларга қуйди.
— Ота, бу Асадбек, менинг иззатли меҳмоним, — деди Хонгирей русчалаб. — Меҳмоним саломат бўлсин. Ичамиз! — Хонгирей шундай деб ароқдан хўплаб қўйди.
— Отангнинг соғлиги учун! — Асадбек ҳам охиригача ичмади.
— Тилагинг учун раҳмат, — деди Хонгирей. — Лекин у энди соғаймайди.

Отаси титроқ қўллари билан чангаллаган катта қадаҳни лабига яқинлаштириб, афтини бужмайтирди. Кўнгли ичишни истамасди, вужуд ароққа тўйган эди, аммо нафс ҳамон оч эди. Тўймоғи ҳам мумкин эмас, чунки имони ожиз кишиларнинг оч нафси фақат лаҳад тупроғи билан қаноат топади. Хонгирейнинг отасидаги кўнгил билан нафс олишуви ароқни хўриллатиб ичиш билан якунланди. Асадбек чой, шўрва хўриллатиб ичилганини кўрган, бироқ бунақасига энди дуч келиши эди. Хўриллатиш ҳам ҳолва экан, ароқ ичиб бўлингач, тамадди қилиш ўрнига ён томонга қараб тупурилди. Эшик ортида шай турган хизматчи йигит кириб унинг оғиз-бурнини оқ сочиқ билан артиб қўйди. Йигит изига қайтишга улгурмай бурун обдон тортилиб сўнг яна тупурилди.
— Унга эътибор берма, — деди Хонгирей. Сўнг аввалги гапини такрорлади: — Уни шундайлигича ҳам яхши кўраман. У — менинг отам!

Асадбек Хонгирейнинг мақсадини англамади. Отасига ичирмоқчи экан уйидами ё шу рестораннинг бошқа хонасидами ичиравермайдими? Бу иркит тамошанинг нима кераги бор экан?
— Кеча бу пайтда овулда эдим. Онам билан анча тортишдим. «Отангни олиб кетма, мусофирликда ўлмасин», дейди. Москвага бугун эрталаб келдим. Ҳозир жони чиқса, овулга ҳозироқ қайтаман. Бу ерга кўммайман. Чечен ўз тупроғида ётиши керак. Академикни билардинг, а?
— Зелихонми?
— Ҳа, Зелихан! У менинг устозим эди. Тоғда машинаси ҳалокатга учрабди. Ўлигини олдириб, овулига кўмдирдим. Қўлимдан келгани шу бўлди. — Хонгирей шундай деб хўрсинди-да, бир оз сукут сақлади. Ке-йин: — Кутаисига бориб келдим, — деб Асадбекка савол назари билан қаради: — Нега бординг, деб сўрамайсанми?
— Нима учун борганингни айтгинг келса мен сўрамасам ҳам айтарсан, — деди Асадбек хотиржам тарзда.
— Суликони кўмишга бордим. Танирдинг-а?

Хонгирей Асадбек билан Суликонинг қадрдонлигини яхши билса-да «Танирдинг-а?» деб атайин таъкидлаб сўради. Хонгирей Кутаисидаги дафн маросимига Асадбек ҳам етиб келар, деб ўйлаган эди. У ерда учратмагач, «нима учун келмади экан?» деб кўп ўйлади. Суликонинг вафотидан Асадбекнинг бехабар эканини у билмасди.

Асадбек учун Хонгирейнинг хабари кутилмаган зарба бўлди. Кеча ўғилларининг ташвиши билан Суликонинг уйига сим қоққан, жавоб бўлмагани учун «бирон ёққа кетгандир», деб гумон қилган, «биров ўлдириб кетгандир» деган фикр эса хаёлига ҳам келмаган эди. Суликодан дарак бўлмагач, укаси Иликога телефон қилиб «Босс Кутаисига кетган» деган жавобни эшитган эди. Иликонинг ёрдамчиси Асадбекни яхши таниса ҳам фожиани нима учундир айтмаган эди. «Кутаисига бирон иш билан кетгандир» деб ўйлаган Асадбек унга Манзура билан келинларини зудлик билан Москвадан жўнатиб юборишга ёрдам зарурлигини айтган эди.

Асадбек кучли муштдан зарба еган одам каби бир зум карахт ўтирди-да:
— Сулико? Датунашвилими? — деб сўради.
— Ҳа, ўша, эски қиморбоз ошнанг, — Хонгирей шундай деб суянчиққа ястанди. — Сен билан телефонда қачон гаплашдим? Ҳа, шунинг ё эртасига ё индинига уйига кириб чопиб ташлашибди. Ундан аввал омади келиб катта пул ютган экан. Негадир пулга тегишмабди. Иликони биласан-а, ҳа, укаси. Унинг мендан гумони бормиш. Бу биласанми, кимларнинг иши? Славянларнинг иши. Кавказликларни бир-бирига қай- рашяпти. Пўстаккалла Илико эса буни тушунмаяпти. Славянларнинг мендан алами бор. Бир-иккитасининг пачағини чиқариб ташлаган эдим. Шулардан бири — сенинг Козловинг. Илико ҳам Козловнинг ёнини олган эди. Нега Козловни ҳимоя қилди, билмайсанми?

Асадбек саволдан келиб чиқувчи мақсадни англаб, истеҳзо билан жимайди:
— Билмайман, азизим. Мени ўртага тушган деб юрувдингми? Менинг даллоллик қиладиган одатим йўқлигини билмасмидинг? Мен Сулико билан ошна эдим. Укаси менга нисбатан сенга яқин. Ўзини кўрмаганимга ҳам бир йилдан ошдиёв.
— Буниси менга маълум, — Хонгирей шундай деб чуқур нафас олди-да, кўзларини лўқ қилиб Асадбекка тикилди. Асадбек ундан нигоҳини олиб қочмади. Уларнинг бу ўтиришлари болаларнинг «кўз уриштириш» ўйинини эслатарди.

Тўкин дастурхоннинг бир томонида Хонгирей, иккинчи томонида эса Асадбек — иккови ўзига хос икки мулкнинг эгаси. Ўзини ақлли деб ҳисобловчи бу икки нодон билмайдики, улардан-да аввал, улардан-да зўрроқ соҳиби мулклар ўтганлар. Лекин осмон барчасини ўз гардишига олиб, кулга айлантирган.

Олдинроқми кейинроқми лаҳад тупроғи билан тўлувчи бу кўзлар ҳозир бир-бирига тикилганича бир-бирига кафан бичади:
— Сенга жаҳаннам гуллари насиб бўлсин, — дейди Асадбекнинг кўзлари.
— Маҳмуд укангнинг ўлимини унутма, битта ўлик сиққан гўрга иккитаси ҳам сиғади, — дейди Хонгирейнинг кўзлари.

Хонгирейнинг Илико ҳақидаги гапларидан Асадбек бу меҳмондорчиликдан мақсадни фаҳмлагандай бўлди. Москвага бугун эрталаб келганини қайта-қайта айтишидан мақсади — «ўғилларингнинг машмашасига менинг алоқам йўқ, мен Москвада йўқ эдим» демоқчи. Бунақа ишни амалга ошириш учун Москвада бўлиши шарт эмас. Телефон деган беминнат дастёр бор экан, дунёнинг нариги четида туриб бу четини остин-устун қилиб юбориш ҳеч гап эмас. Хонгирейнинг тагдор гаплари — кичкина боланинг гўллик билан топган баҳонаси.

Хонгирейнинг асосий мақсади бошқа: Асадбекка ҳужуми ҳал қилувчи паллага кирганда вазият ўзгариб қолди — Илико унга ёвлашгандай бўлиб турибди. У ёқда Маҳмуднинг фожиаси, кейинроқ эса Суликонинг ўлими бир-бирига алоқадор бўлмаса-да, Илико буларни занжирнинг икки ҳалқаси деб билиши мумкин.

Иликода гумон уйғонганини у Кутаисидан қайтгач билди. Илико чиндан ёвлашдими ё бу шунчаки хом гапми, Хонгирей ҳали тагига етганича йўқ. Шундай бўлса-да, эҳтиёт чораси шарт, деб билди.

Хонгирей Илико билан яккама-якка ташлашишдан қўрқмайди. Кўнглидаги умидлардан бири — вақти келганда Иликони ҳам янчиб ташлаш. Иликони янчиш деган гап мутлақ ҳокимликка бир қадам қолди, демакдир. Лекин у фараҳбахш кунларга ҳали фурсат бор. Уни ҳозир чўчитиб тургани — агар Илико ҳамла қилса ёнига бошқалар қўшилади. Хонгирейнинг Шаховскийдаги қароргоҳида зиёфатини еб, унга оқ фотиҳа берганлар ҳам бу вазиятда Илико томонга ўтиб олишлари мумкин.

Асадбек Хонгирейнинг хавотирини илғагандай бўлди. У Илико билан жуда яқин алоқада бўлмаса-да, акаси Сулико билан оға-инилар каби қадрдонлиги бор эди. Хонгирей буни яхши билгани учун ҳам Асадбекни йўлдан олишда тўғридан тўғри ўзи ҳужум қилмай аввал Ҳосилбойваччадан, сўнг Чувринди билан Кесакполвоннинг ўзаро зиддиятидан фойдаланмоқчи бўлди. Суликонинг дафн маросимидан сўнг у тўғри Москвага қайтган эди. Отасининг оғир хасталигини билса-да, Асадбекнинг ўғиллари келаётгани учун овулига ўтмади. Отасини ўзи эмас, йигитларидан бири бугун тонгда олиб келди. Онаси эса унинг амри билан «Хонгирей келиб отасини олиб кетди», деган гап тарқатиши лозим эди.
— Илико Москвага эртага қайтади. Хоҳласанг таъзияга бирга боришим мумкин, — деди Хонгирей орадаги сукутни бузиб.
— Яхши бўларди, — деди Асадбек ундан кўз олмай.

Хонгирей айтмаса ҳам Асадбек бу ердан чиқиб Суликонинг уйига боришни ўйлаб турган эди.

Асадбек янги уйланган кезлари, ҳали қиморни ташламаган пайтларда «Тамбовда катта ўйин бўлади», деган хабарни эшитди-ю, «Ўша катта ўйинини ҳам бир кўрай», деб белни бақувват қилиб борди. Сулико билан ўша ерда, қимор устида танишган эди. Асадбекдан бир оз ёшроқ бўлган Суликонинг кавказликларга хос қизиққонлиги бу ўйинда панд бериб, каттага тушди. Тушганда ҳам Асадбекка тушди. Ўйин охирлаганда ҳеч вақоси қолмаган Сулико дабдурустдан:
— Мен номусим билан хотинимни тикаман! — деди.
— Эркак одам номусини қиморга тикмайди, — деди Асадбек унга жавобан.
— Унда хотинимни тикаман, — деди Сулико ғазаб билан сўнг Асадбекка ўқрайганича қўшимча қилди: — Сен менга ақл ўргатма, нимани тикишни ўзим биламан!

Асадбек хотиржам равишда қарта тарқатди. Бир неча сонияда хотинини ютқизган Сулико катта қадаҳга тўлдириб ароқ қуйди. Қадаҳни лабига олиб борди. Бироқ кутилмаганда ароқни ўзининг юзига сепиб юборди-да, алам билан:
— Хотиним Кутаисида. Хоҳлаган пайтингда олиб кет, — деб манзилни айтди.
— Хоҳлаган пайтимда олиб кетаверайми?— Асадбек шундай деб унга қаради. Сўнг икки қадаҳга ароқ қуйиб бирини Суликога узатди:
— Мен хотинингни ютиб олдим. У энди меники, нима истасам шуни қиламан, тўғрими?

Сулико Асадбек узатган қадаҳни олди-ю, унга ташланиб қолмаслик учун ўзини аранг тутиб, саволига титроқ овозда «Ҳа», деб жавоб қилди.
— Унда эшит, — деди Асадбек: — Мен уни хотин қилмайман, хотиним бор. Ўйнаш қилмайман, ўйнашлар тиқилиб ётибди. Менинг синглим йўқ. У менга сингил бўлади. Сен эса куёв. Орамиз очиқ, куёв бола... Аммо битта шартим бўлади: синглимни бундан буён қиморга тикмайсан.

Қиморбозлар орасида бунақа тантилик кам учрайди. Шу боис тўпланган қиморбозлар бу гапга бир ишониб, бир ишонмай тарқалишди. Сулико эса «Мен билан ҳозироқ Кутаисига жўнайсан», деб туриб олди. Асадбек кўнмагач, уч кундан кейин хотинини олиб уникига келди. Асадбек «синглим» деб аталган жувонни кўрди-ю лол қолди, бундай гўзал аёлни у ҳали учратмаган эди.
— Шундай хотинни қиморга тикдингми, аҳмоқ! — деди Асадбек.
— Аҳмоқлигим рост. Фақат, сендан илтимос, қиморни хотинимга айтма... Ташлайман шу қиморни.

Кўп ўтмай Асадбек қиморни ташлади-ю, Сулико аҳдида туролмади. Охири шу туфайли бошини ебди...

Ўшанда Сулико қўярда-қўймай Асадбекни Кутаисига олиб кетган эди. Мард одамнинг қадрига етувчи гуржилар учун Асадбек азизларнинг азизи мартабасига кўтарилган эди. Суликонинг бобоси тоғлар орасидаги кичик бир қишлоқда яшар экан. Асадбекни ўша ерга ҳам олиб боришди. Русчани бузиб-бузиб гапирувчи чолнинг хайрлашув чоғидаги бир гапи Асадбекнинг эсида қолган:
— Инсон ўзгаларга меҳр-мурувват кўрсатиш учун яралган. Йўқса, дунёда жониворлар етарли...

Оқсоқол ўшанда гапира туриб эҳтирос билан ҳатто шеър ўқиб юборган эди:
— «Дўстлар учун жонфидолик ғоят улуғ фазилат,

Оғир кунлар синовида билинади дўст фақат» — Биласанми, бу кимнинг гапи? Бу — Руставели! — оқсоқол фахр билан шундай деб яна ўқиганди:
— «Улуғлайлик, дўстларни деб жонни берган эрларни,

Қадрлайлик яхшиликка булоқ бўлган дилларни».

Оқосоқол шундан кейин яна ғурур билан «Бу — Руставели!» деб қўйган эди. Ўшанда шеърнинг мазмуни ёқиб, эслаб қолишга уринди. Бир қанча муддат эслаб ҳам юрди, аммо кейинчалик ёдидан кўтарилди.

Ўшанда Сулико билан Иликони мириқиб кулдирган воқеа ҳам содир бўлганди. Оқсоқол фахр билан тилга олавергани учун «Руставели буларга қариндош шекилли?» деб сўраганда ака-ука қотиб-қотиб кулишган эди. Кейин унинг кимлиги, ёзган асарини гапириб беришганди. Асадбек асарнинг тўла номини эсдан чиқарган, ёдида қолгани — йўлбарс териси ҳақидаги нарса...

Тақдирнинг ёвуз ўйинини қарангки, меҳр-мурувватдан гапирувчи оқсоқолнинг бир набираси ўғрибоши, яна бири қиморбоз эди. Донишманд аҳли «Мол текин келса дил бераҳм бўлади», деб бежиз айтишмаган. Текин молга маҳлиё бўлиб яшаётганларида вақти келиб ўзлари каби яна бир бераҳм дилнинг қурбонига айланишларини ўйлашмайди.

Бераҳм диллар салтанати фуқароларида меҳр-мурувват, яхшилик-ёмонлик тушунчалари йўқ демоқлик ноўрин. Улардаги мавжуд меҳр ҳам, мурувват ҳам ўз нафсларининг амрига кўра белгиланади. Улар бир одамга яхшилиқ қилмоқ учун иккинчисининг жонини оладилару буни мурувват деб баҳолайдилар. Яхшилик ва ёмонликни бошқа-бошқа, бир-биридан айри-айри нарса деб фаҳмлайдилар. Яхшилик ва ёмонликни икки эмас, бир тушунча, яъниким, яхшилик ёмонлик қилмасликдир, деб англамоқлик неъмати уларга насиб этмаган.

Бир дастурхон атрофида ўтириб, гапи гапига қовушмаётган одамларнинг бири иккинчисига қандай тузоқлар қўйяпти экан? Иккинчиси биринчисига қандай чоҳ қазияпти экан?

Валлоҳи аъламки, балки айни шу дамда шайтон алайҳилаъна ўзининг қилмишларидан ифтихор қилган тарзда мақтанганича бу икки одамни кўрсатиб: «Эй ўн саккиз минг оламни тўлиқ ҳикмати ила яратган Тангри! Сен ихлос ва муҳаббат билан яратган Одамнинг бу болаларини кўриб қўй. Булар асло сенинг бандаларинг эмас энди. Уларни мен банд этганман. Биттагина буғдой донасидан бошлаган васвасаларим мевасини кўряпсанми? Ер юзидаги уларнинг ададини ўзим ҳам санаб саноғига етолмайман. Ҳадемай кўриб турганинг бу икки инсоннинг бири сенинг ҳузурингга жўнайди. Бу дунёда қилган гуноҳлари рўпарасига дастурхон қилиб ёйилганида шубҳасизки, мени эслайди, менинг номимни тилга олади. «Шайтон йўлдан урди», деб мени айблайди. Эй, барча нарсалардан бохабар Тангри, ўзинг гувоҳсан, мен уларнинг қўлларидан маҳкам ушлаб, зўрлаб етаклаганим йўқ. Сен уларга ҳам ақл ва зеҳн берган эдинг. Мен фақат уларнинг ақл кўзларини нафс пардаси билан тўсиб кўр қила олдим, зулм дунёсини уларга чиройли қилиб кўрсатдим халос. Менинг оламимга улар ўз оёқлари билан юриб кириб келдилар, яйраб яшадилар. Сенинг ҳузурингга бормоқ ва ҳисоб бермоққа мажбур эканликларини унутдилар. Яратмиш Тангрини унутгувчиларга бу дунёда қандай ажр бермоқ — қандай ўлимни раво кўрмоқ ўзингга ҳаволадир», деяётгандир...

Ҳақ таоло одамларга инсонийлик жомасини иноят қилган экан, бу либос йиртилмас, ифлос ҳам бўлмас экан. Афсус шуки, бу либос барчага бирдай насиб этмас экан. Ким бераҳм диллар оламига тобе бўлибди, бу либосдан маҳрум этилибди, умрини яланғоч ҳолда яшаб ўтибди. Эски кийимда бўлгани билан кишининг одамгарчилиги йўқолиб қолмагани каби устидаги энг яхши либос ҳам кимсанинг инсонийликдан узоқлигини яшира олмайди. Дарёни кўзага қамаш мумкин бўлмаганидек, бу бераҳм диллардан тошиб чиқаётган зулм оқимини жиловлашнинг имкони йўқ.

Ақл ва нафс бир-бирига зиддир. Ақл рад этган нарсани нафс даъво қилади.

Уларнинг нафслари эса зулмга ҳомиладордир...

Ёмонликни касб қилиб яхшилик умид қилувчилар қанчалар нодонлар. Улар Тангрининг «Фа ман яъмал мисқола зарратин хойрон яроҳ, Ва ман яъмал мисқола зарратин шаррон яроҳ»[5] деган амрини билсаларми эди... балки қоронғу фикрларига ёруғлик мўралармиди...

Бир-бирига рўпара ўтирган икки одам буларни билмайди. Умрлари адоғига қадар ҳам билолмай ўтсалар эҳтимол.

Хонгирей Асадбекдан кўз узмаган ҳолда:
— Ўзинг соғмисан, Бек? — деб сўради.
— Соғман, раҳмат, — деди Асадбек тетик овозда.
— Ўтган сафар кўрганимда рангинг паст эди. Ҳозир яхшисан, кўриниб турибди.
— Ҳа, рангим баъзи одамларга ғалати туюлган эди, — деди Асадбек тагдор қилиб. — Баъзилар «Асадбек ўладиган бўлди», деб жанозамни ҳам ўқиб қўйишибди.
— Ўлиш учун ўладиган касал бўлиш шарт эмас, — Хонгирей шундай деб отасига қараб олди: отаси стул суянчиғига ястаниб, бошини бир ёнга қийшайтирганича ухлаб ўтирарди.
— Қизинг тузалиб кетдими? Ҳосил касал, дегандай бўлувди.

Бу гапни эшитган Асадбекнинг бети учди. Бу ўзгаришни сезган Хонгирейнинг юзини эса мамнунлик ели силаб ўтди. «Ҳа, хунаса, буни ҳам етказган экан-да», деб ўйлади Асадбек. Сир бой бермасликка интилиб, жавобни ҳаяллатмади:
— Қизим яхши, тузалиб кетди.
— Оиланг тинч бўлса, хурсандман, Бек. Агар йўқ демасанг, энди ишдан гаплашсак. Москвага нима учун келдинг?
— Пиво тсехи очсаммикан, девдим. Шунинг ҳаракатида юрганимда ўғилларим чет элдан қайтадиган бўлиб қолишди. Кутиш баҳонасида бу ишни ҳам пишириб оларман.
— Ўғилларинг келишдими?
— Ҳа. Меҳмонхонада туришибди.
— Олиб келмабсан-да, меҳмоним бўлишарди.
— Шаҳарни соғинишибди.
— Пиво тсехига тегишли ишларингга ёрдам берайми?
— Масала ҳал бўлай деб турибди. Иш пишмаса ўзингга айтарман.
— Бир-биримизга ёрдам бериб турмасак бу дунёда яшашимиз қийин. Славянлар бизларни янчиб ташлашади. Бек, агар сен менга муҳтож бўлмасанг, менга сенинг ёрдаминг керак.
— Қўлимдан келса...
— Қўлингдан келади. Хоҳишинг бўлса бас. Мен жуда катта ишни бошлаб қўйганман. Охирига етказа олсам бир вагон пул бўлади. Сен қора дори олиб ўтишимда ёрдам берасан.
— Княз, адашма. Бу масалага муносабатимни биларсан, девдим.
— Биламан. Энди муносабатингни ўзгартиришинг керак.
— Қўлимдан келмайди. Хоҳишим ҳам йўқ.
— Ҳосилнинг шерик бўлиш аҳди бор эди. Уни ўлдирдинг. Гапни айлантирма! Ўлдирганингни аниқ биламан. Майли, битта одам ўлгани билан дунё ғарибланиб қолмайди. Маҳмудбей ғилайни бошлаб келганида менга ёқди. Шериклик қилишга ваъдаси бор эди. У ҳам ўлди. Нега ўлди, а? Аниқламадингми?
— Аниқлайман.
— Балки ўзинг ўлдиргандирсан? Менга шерик бўладиганлар сенга ёқмайди-ку? Майли, сен титрама. Маҳмудбейни сен ўлдирганмисан ё бошқами, менга фарқи йўқ.

«Шерикликка ваъда бериши мумкинмас. Акси бўлгандир», деб ўйлади Асадбек. Аммо хаёлига келган фикрни тилига кўчирмади.
— Биласанми, биз киммиз? — Хонгирей саволига жавоб кутмай гапини давом эттирди: — Биз ғизиллаб юриб кетаётган машинанинг мурватларимиз. Машина яхши юриши учун эски мурватларни алмаштириб туриш керак.

«Демак, мен эски мурватман. Алмаштирасан. Янги мурват ким? Ҳайдарми? Қани, гапираверчи...»
— Сен қиморбоз эдинг, Бек. Қиморда ҳадеб омад келавермайди, тушуняпсанми?
— Тушуняпман. Ҳозир сенинг омадинг келдими?
— Аниқроқ айтайми: сенинг омадинг кетди. Шунга яраша иш қил. Менга шерик бўлмасанг четга чиқиб тур. Ўғилларингнинг тўйларини қилу невараларингни боқиб ўтиравер. Энди йўлимда пайдо бўлиб қолсанг, аяш йўқ — янчиб ташлайвераман, — Хонгирей шундай деб кафти билан столга уриб қўйди.

Асадбек унинг бу қилиғини кўргач истеҳзо билан кулиб, бир нима демоқчи бўлди-ю, ўзининг «мен гап одами эмас, иш одамиман», деган ақидасига содиқ қолиб тилини тийди. Мўмин қиёфасини ўзгартирмади. Бироқ, айтмоқчи бўлганини дилига тугди: «Ҳали сен мени янчмоқчимисан? Қани, бир урин-чи? Мени янч-моқчи бўлганларнинг биринчиси сен эмассан. Охир-гиси ҳам эмасдирсан ҳар қалай. Мени пачоқлаб ўтмоқчи бўлганларнинг қанчаси қоқилди, қанчасининг оёқлари синди, бўйни эгилди. Яна қанча оёқлар синишга маҳтал бўлиб турибди. Сенинг бу чиллак оёқларинг ҳам шуларнинг олд қаторида. Сен бефаҳмларда андиша деган нарса йўқ. Шунинг учун бизлардаги андишани қўрқоқлик деб ҳисоблайсанлар. Мен ҳозир сенинг кў-зингга чорасиз қўзичоқ бўлиб кўриняпманми? Яхши. Лекин билиб қўй: йўлбарс ҳар қанақасига йўлбарсдир, у ҳеч қачон қўй бўлолмайди!»

«Оққуш қўшиғи» ресторанидаги суҳбатда кўп гаплар айтилмади. Зулм булоғидан баҳра олгувчи мақсадлар гўё сирлар пардасига ўралган эди. Гўё дейилишига сабаб: оҳанрабонинг икки қутби каби бўлмиш бу икки одам бир-бирининг ниятини яхши англаб турарди. «Болта тушгунича кунда дам олади», деганларидек, ҳозирча ўзларини бир-бирларининг қора ниятларидан бехабар қилиб кўрсатадилар. Уларнинг ҳар бири ўзини болта, харифини эса кундага қўйилгувчи бош деб ҳисоблашади.

«Оққуш қўшиғи» ресторанидаги икки одамнинг қайси бири бу кун сўнгги қўшиғини айта бошлади — ёлғиз Яратганга маълум.

VII боб

1

Қайси бир куни Жалил Кесакполвоннинг қилиқларидан ғаши келиб, Асадбекдан:
— Дунёда учта нарса йўқ, биласанми? — деб сўраган эди. Асадбек болалик йилларидан эсдалик бўлмиш бу топишмоқни эшитиб кулимсираган, жавобни билса ҳам «ҳозир бошқа гап топади», деган хаёлда индамай қўя қолиб янглишмаган эди.
— Ҳовузнинг қопқоғи, осмоннинг устуни йўқ, а?— деган эди Жалил. Сўнг: — Учинчиси-чи? Билмайсанми? — деб жавоб талаб қилганда Асадбек:
— Учинчиси — ошпичоқнинг қини йўқ, — деб осонгина қутилмоқчи бўлиб, бу сафар адашди.

Ушлаган жойни кесувчи Жалил унга синчиклаб тикилгани ҳолда:
— Ростдан билмайсанми? Хўп, осмонга устун, ҳовузга қопқоқ қилиб бўлмайди. Лекин ошпичоғингга қин қилиш қийинмас. Учинчисини билмасанг билиб ол: оғайнинг Ҳайдар паканада виждон йўқ! Бу ҳароми ошнанг дунёда виждон нима эканини билмай ўтар, — деган эди.

Жалил виждон тушунчасини ўз ақли қамрови билан ўлчар эди. Бу соҳада Асадбекнинг, айниқса Кесакполвоннинг ўлчовлари айри-айри эди. Ҳатто Жалилга виждонсизлик бўлиб туюлган нарса улар учун виждоннинг юқори мартабасидаги кўриниш ҳисобланарди. Бир тупроқ устида истиқомат қилиб, бир ҳаводан нафас олиб, бир сувдан ичиб кун кўрганлари ҳолда бошқа-бошқа оламда яшовчи бу одамларнинг виждонга оид ўлчов ва тушунчалари бир хил бўлиши мумкин ҳам эмас.

Чувриндининг ўлимида Кесакполвон гумонсирилаётганидан Жалил бехабар эди. Билганда «бу гумон эмас, ҳақиқат! Бу қабиҳлик фақат унинг қўлидан келади», дейиши муқаррар эди.

Асадбек, отаси қамалиб, «халқ душманининг боласи»га айлангач, бир йил синфда қолиб, оқибатда «детдом боласи» ҳисобланмиш Ҳайдар билан бирга ўқиган эди. Бўлажак Кесакполвонни у пайтда ҳамма «Ҳайдар пакана» деб атарди. Перо ўғирлаш воқеасидан сўнг Ҳайдар пакана Асадбекдан узоқлашмади. «Детдом боласи» деган ваҳимали номи, ёнида буклама пичоқча олиб юриши устига Асадбекнинг ҳимоясига ўтиб олгани унга қалқон вазифасини ўтаган эди. Болалар ундан зулм кўришса-да, жавоб қайтаришга ботинмай туришарди. Бу масалада фақат Жалил тап тортмасди. Ҳайдар пакана унга ёмонлик қилмаса ҳам, кунда бўлмаса-да, кун орами, ишқилиб Жалилнинг тепкисини еб турарди. Бир куни Асадбек Ҳайдар пакананинг нолаларини инобатга олиб, Жалил ўртоғига:
— Нега бекордан бекорга тепаверасан, сенга ёмонлик қилгани йўқ-ку? — деб танбеҳ берган эди. Шунда Жалил:
— Шу пакана ошнангнинг турқи совуқ, башарасини кўрсам, оёғим қичиб «Теп!» деб тураверади. Шу пакананг аслида тепиш учун яралган. Ёмонлик қилмаса ҳам тепавераман, сен аралашма. Ёмонлик қилса, айтиб қўй, шартта ўлдириб қўя қоламан, — деган эди.

Мактабни битиришганда «енди қораси ўчар», деб ўйловди, янглишди — қораси ўчмади. Кейинроқ киссавурлик қилиб қамалганида «енди чиққан жойига кириб кетди, қораси ўчиши аниқ», деб ўйлаб яна адашди. Ҳайдар пакана деганлари қамоқда ўзига мос ҳамтовоқ тополмаганми, яна Асадбек атрофида хира пашшадек ўралашаверди.

Асадбек уйланганидан сўнг Жалил куёвжўралик мартабасидан фойдаланиб «бу ғаркўз ошнанг энди остонангни ҳатламасин», деб шарт қўйди. Асадбек «хўп» дедию аҳдига вафо қилмади. Ҳайдар пакана шу оиланинг яқин кишисидай кириб-чиқиб юраверди. Асадбек Тамбовдаги ўйинга кетар маҳали Жалилга «келинингдан хабардор бўлиб тур», деб тайинлаган эди. Ошнаси кетган ондан бошлаб Жалил хотинини Манзуранинг ёнига чиқарди. Эртаси куни норинга хамир қориш учун чиққан хотини дарровгина қайтди. «Ҳа, норин қормайдиган бўлдиларингми?» деб сўради Жалил хотинидан. «Муллакамнинг анов ошналари келиб қолди», деди хотини. Хотини бир марта «Ҳайдар ака», деб унинг номини тилга олганда Жалил «Бу ҳароми қачондан бери сенга «ака» бўлиб қолди», деб сўкиб берган эди. Шу боис «муллакамнинг анов ошналари» деганда Жалил ким назарда тутилганини дарров фаҳмлади-да «Овсинингни ёлғиз ташлаб чиқавердингми, аҳмоқ!» деб сўкиб, ўрнидан турди.

Жалил ҳовлига кирганида Ҳайдар пакана уй остонасида тўғон бўлиб туриб олган, Манзура эса ичкарида сайёд тўрида иложсиз қолган ғаззола каби жонсарак кўзлари билан нажот изларди. Жалил югуриб келдию ҳе йўқ, бе йўқ Ҳайдар пакананинг юмшоқ ерига тепиб қолди. Пакана ўгирилишга ҳам улгурмади — ичкарига қараб мункиди. Жалил эса унинг энса сочларидан маҳкам чангаллаганича турғизиб, ҳовли томон тортди-да яна бир-икки тепиб кўчага чиқариб ташлади. Овоз чиқариб сўкмади, Ҳайдар пакана ҳам «нега тепасан!» деб дағдаға қилмади. Манзура худди гуноҳ устида қўлга тушгандай, иснод ўтида ёниб ичкари кириб кетди.

Жалил Ҳайдар пакананинг узоқлашишини кутиб турди-да, сўнг ҳовлига қайтиб, ҳудди ҳеч қандай воқеа юз бермагандай:
— Манзура, тезроқ бўлларинг, қорин таталаб ноғора чалиб юборди! — деди. Бу гапни меҳрибон ака овозида айтди. Унинг назарида бу оҳанг Манзурага далда бериши лозим эди. Аммо ичкарида титраб турган жувонга ҳар бир сўзи тўқмоқ каби зарба берганини билмади.

Асадбек қайтгач, Жалил айтадиганлари Манзурага жабр бўлишини англаб, машмашани маълум қилмади. «Урса хотинини бир-икки урарди, аммо бу паканани йўқотарди», деб бу иши учун ўзини кейинроқ койиди.

Эски ҳовлига қадам босишдан олдин Жалилникига хавотир билан қарайдиган бўлиб қолган Ҳайдар пакана Асадбек янги уйга кўчгач, бу ҳавотирдан қутулди. Жалил ҳам ўртоғини назорат қилишдан тийилди.

Жалил Кесакполвоннинг барча қилиқларини билганида ошнасига жумбоқли савол айтиб, виждон ҳақида гапириб ўтирмасди. Ўшанда Асадбек «икки гапингнинг бирида «ошнанг одам эмас», дейсану виждондан масала сўқийсан. Агар одам бўлмаса, унда виждон нима қилади?» демоқчи бўлдию «арининг уясини кавламай қўя қолай» деб фикрини тилга кўчиришдан тийилди.

Чувриндининг ўлимидан сўнг Асадбек ҳасрат дастурхонини ёйиб гумонини айтсами, Жалил эски пахтани чувиган мисол барча танбеҳу дашномларини бир-бир эслатиб «ана энди эсинг кирганга ўхшайди. Лекин кечикиб кирган эснинг фойдаси бўлармикин? Шу паканангнинг разиллигини билишинг учун яқин одаминг-нинг ўлимини кутишинг шартмиди? Илгарироқ эсинг кирганда шу бола увол кетмасди-я...» деган бўларди.

Кесакполвон Жалилда мавжуд нафратни биларди. Жалил тепмай қўйган бўлса ҳам ундан тепкидан зўрроқ, тепкидан ёмонроқ бир нарсани кутиб юрарди. Айниқса икки ошна холи қолиб гаплашгудай бўлишса, бу томонда Кесакполвоннинг қулоқлари динг турарди.

Қабристонда Асадбек ғазабга тўлган кўзини қадаб «Йўқол!» деганида бир оз чекинди-ю, Жалил яқинлашиб нималардир деганида хавотирга тушди. Икки ошна қабристондан бирга чиқиб, бирга кетиб, сўнг майит чиқарилган хонадонга қайтиб боришмагач, бу хавотир янада ошди. Ана ўшанда «сал оширворибман, ҳозирча ўлдирмай бошқа чорасини қилиб турсам бўларкан», деб афсусланди.

Кесакполвонда «шу ишни тўғри қилдимми?» деб тарозига солиб фикрлаш одати йўқ эди. Чувриндининг ўлимидан сўнг бу одатини канда қилиб ўйлаб кўрди. «Бошқа чора»нинг қандай бўлиши мумкинлигини кўп ўйлади. Ноилож ақли охир-оқибат «ўлимдан бошқа чораси йўқ эди», деган хулосада тўхтаб, унга тасалли берди. Виждон азоби нима эканини билмайдиган унинг руҳи бу сафар ҳам безовта бўлмади.

2

Асадбекни кузатган Кесакполвонда ўзи ҳам тушунмаган бир ҳис уйғонди. Ошнасининг тахтини тезроқ эгаллаш умидида яшаётган бу одамдаги тушунуксиз ҳисни армон демоқ-да мушкул, ҳамдардлик демоқ-да ноўрин. Балки муваққат тарздаги ачиниш демоқ жоиздир? Ҳа, воқеан шундай. Кесакполвоннинг назарида Асадбек ўғилларини олиб келиш учун эмас, Москвада ўзи учун ясаб қўйилган темир тобутга тушиб қайтиш мақсадида кетаётгандай эди. Болалик йилларидан бери яқин бўлиб қолган одамини сўнгги марта тирик ҳолда кўраётгандай эди. Ана шу ачинишга ҳамоҳанг тарзда «шу ишларга қўшилишим шартмиди, бунинг соясида ёмон яшаётганим йўқ эди-ку?» деган умри қисқа фикр туғилиб, ўлишга ҳам улгурди. Асадбек хасталанганда унинг тузалиб кетишини истаган одам энди ошнасининг темир тобутда қайтишини хоҳларди. Ана шу хоҳиш ачиниш ҳиссини бўғиб қўя қолди.

Жалил айтмоқчи, Кесакполвонда виждон бўлмаса-да, унда ўғриларга хос зийраклик мавжуд эди. Ўғри учун виждон, адолат, меҳр деган фазилатлар ортиқча юк, буларсиз бемалол ҳаёт кечиравериши мумкин, бироқ, зийракликсиз яшай олмайди. Чувриндининг ўлимидан сўнг ана шу зийраклик яна бир фойда берди: ошнасининг кўнглидаги гумонни сезиб, этагини ёпиб олиш чорасини қилиб қўйди — биринчи галда Хумкаллани йўқотди. Чувриндининг ҳовлисида Асадбекнинг безовта назари Хумкаллани излаётганини сезди-ю, эртасига ўзи гап очиб:
— Даюснинг боласи кўринмайдими? — деб Асадбекдан сўради.

Асадбек «Даюснинг боласи ким?» деган маънода қараб қўйди.
— Хумкаллани айтаман. Кеча ҳам кўринмади. Уйига бола юборувдим, милиса ҳам суриштириб келганмиш. Бир ишкал чиқардими дейман. Сен иш-пиш буюрмовдингми?

Асадбек бу саволдан ажаблангандай аъёнига тикилди. Унинг гумони бўйича, агар Маҳмудни Кесакполвон ўлдиртирган бўлса, бегонанинг эмас, ўз яқинларидан бирининг қўли билан қилади бу ишни. Бунақа ишда қотил — асосий гувоҳнинг яшамоғи мумкин эмас, сирни ўзи билан бирга нариги дунёга олиб кетиши шарт. Кесакполвон тағин ҳам марҳамат қилди — Хумкаллага яна бир кун яшашга имкон берди. Қотил йўқотилгач, изини ҳам ёпиш керак. Милиса «КамАЗ»нинг ҳайдовчисини эрталабга қолмай топиб, қамаб қўйган. Бўкиб ичган ҳайдовчи мастликда «КамАЗ»ни кимга, неча шиша ароқ эвазига сотиб юборганини эслолмади. Хумкалла милисага керакмас, унинг ўлигини ҳам, тиригини ҳам қидиришмайди. У Асадбекка керак. Қотилнинг хожаси бўлмиш Кесакполвон буни билмайдими? Балони ҳам билади у. «Хумкалланинг изини йўқотиш учун шу найрангни ўйлаб топдими? — деб ўйлади Асадбек. — Менинг кавлаштиришимни билади, бу хунаса. Хумкалланинг уйига милиса юбортириб ишни пухталаб қўйгандир... Қизиқ, бу илгари ҳам без бўлиб қараб турармиди ё энди шунақа бўлиб қолдими?»

Асадбек аъёнига бир оз тикилгач, афсусланган одам каби уф тортиб, бош чайқади-да:
— Болларинг бебош бўлиб кетди. Жиловни жа-а бўш қўйвординг, — деди.

Кесакполвон ҳам афсусланган одам каби иягини кафти билан силаб:
— Мен эмас, — деди. — Бек, хафа бўлмагин-у, Маҳмуд бўш қўйворди. Майли, ер етказмасин-у, лекигин, кўнгли бўш бўлиб қолувди укахоннинг. Сенам сезмай юрдинг, бир иш буюрсанг охирига етказмасди. Мен билардиму, жаҳлинг чиқмасин, деб айтмасидим. Укахон шу Хумкаллага дўхтирни қурит, деб топширган экан, — Кесакполвон шундай деб Асадбекка синовчан боқди. Хожасининг юзларида ўзгариш сезмагач, осойишта оҳангни ўзгартирмаган тарзда давом этди:— Хумкалла ўлдирмабди ўша дўхтир болани. — Бу гапдан сўнг Асадбекнинг қошлари хиёл чимирилди. Кесакполвон буни сезмаган каби гапидан тўхтамади: — Уни яшириб қўйибди. Ўзим ҳам бугун билиб қолдим.
— Кимдан эшитдинг? — деб сўради Асадбек юзини тескари буриб.
— Толмас айтди, — деди Кесакполвон.
— Толмасинг ким?
— Чойхонадаги қозимиз бор-ку, ўша. Маишат устида Хумкалла ёрилибди-да, ярим кечада майда-чуйда қилиб боришибди ўша дўхтир яшириниб ётган жойга. Нима қилай, болаларга айтайми, дўхтирни тинчитиб келишсинми?
— Йўқ, — Асадбек шундай деб яна унга қаради. — Тегмаларинг. Бўлди, яширинмасин. Ўтган гап ўтди. Ишини қилиб юраверсин.

Асадбекни кузатиб келаётганида Кесакполвон мана шуларни бир-бир эслади. Хожасиниинг тикилиб қолиши, қошларининг билинар-билинмас чимирилиши, юзини тескари буриб олиши... буларнинг барчаси унинг хотирасига муҳрланган эди. Салкам қирқ йилдан бери ёнида юрган одам хожасининг тик қараши, қошларининг чимирилиши ва оқибат юзларини буриб олиши сабабини билмас эканми?

Асадбекка «Ўқилон» деган лақабни Кесакполвоннинг ўзи берган эди. «Сен чақмайсан-у, лекин товондан тешиб кириб, мияни ўпириб чиқиб кетасан», деган ҳазил билан бошланган гап оқибатида Асадбекка «Ўқилон» деган ном тожини кийдирган эди. Чувринди уларнинг бағридан иссиқ макон топган дастлабки ҳафталарда бу лақабдан ажабланиб:
— «Кобра» дейилгани яхшимасмиди, ё «Анаконда»ми?.. — деб сўраганда Кесакполвон:
— Кўзойнакли илонинг чақишдан олдин лунжини шишириб ҳунар кўрсатади, тебраниб тураверади. Иложини қилиб уни тинчитиш мумкин. Бўғма илонинг ҳам хатарли эмас. Лекигин ўқ илон қачон ташланишини билмайсан. Бек аканг ҳам шунақа. Калласида қанақа мўлжал бор, кимга ташланади, қачон товонни теша-ди — билиб бўлмайди. Сен ундан мана шу одатни ўрган. Мен минг ўрганай дедим-у, эплолмадим. Табиатим бошқа менинг...

Кесакполвон уйга қайтатуриб шу воқеани ҳам эслади. У Чувриндининг ўлими туфайли Ўқилоннинг талвасага тушажагини ҳисобга олган эди. Бирга бўлган йиллари давомида у Асадбекнинг ғашини келтирадиган, жаҳлини чиқарадиган ишларни кўп қилди. Бу ишлари хожасининг қаҳрли қараши ёки болохонадор сўкишлари билан ёпди-ёпди бўларди. Чувриндининг ўлимини ўша ишлар сирасига киритмаса-да, хожасини ларзага солувчи катта фожиага айланар, деб ўйламовди. Фожианинг заминида тахт талашиш масаласи ётмаганида, бу ишлардан Хонгирейнинг совуқ нафаси ке-либ турмаганида балки Кесакполвоннинг мўлжали аниқроқ чиқарди. «Бек, жон ошнам, аҳмоқлик қилдим, кечир», деса Асадбек балки узрини қабул қиларди.

Кесакполвон адашганини жаноза куни, қабристонда эканида англаб қолди. Англади-ю, думи босиб олинган Ўқилон энди товонини тешажагини фаҳмлаб чўчиди. Кейинги кунларда эҳтиёт чораларини қилиб юрган бўлса-да, кўнгил безовталиги кучайса кучайдики, аримади. Шу боис ҳам хожасининг темир тобутда қайтишини жуда-жуда истади. Назарида айнан шу тобут унинг халоскори эди.

У яна эҳтиёт чорасини қилиб, идорага бормай, телеграфга кириб Хонгирейга қўнғироқ қилди. Янгиликдан огоҳ этиб қўйиш баҳонасида Термиздан мол олиб, Самарқанддан кузатилган меҳмонларнинг эсон-омон етиб олганлари билан қизиқиб, бу хизмати эвазига янги хўжайинидан олқиш олишга умид қилган эди. Олқиш ўрнига «ҳа, бўпти» деган ланж жавобни эшитгач, кўнгил ғашлиги кучайди. Кўчага чиқиб, қўлларини шимининг чўнтагига тиққанича бир оз ҳаракатсиз турди. Идорада қиладиган иши йўқ — боргиси келмади, кўнгил маишатни ҳам истамади. Ҳатто ичишни хоҳламади. «Би-ир ичсаммикин?» деган фикр хаёлига келиши билан кўнгли айниди. Камдан кам содир бўлувчи бу ҳолатидан ўзи ҳам ажабланиб, беихтиёр равишда сигарет тутатди.

Кесакполвоннинг кайфияти бузилганини сезган Қози машина эшигини очди-да, бир оёғини ерга қўйиб «Ҳузурингизга борайинми, хўжайин?» деган маънода қаради. Кесакполвон сигарет тутунини бир-икки чуқур-чуқур тортгач, охиригача чекмай четга улоқтирди. Сўнг нимадандир хавотирланган одам каби ён-атрофга аланглаб олди-ю, машина сари юрди.
— Ака, бир хуморбосди қиламизми? — деб сўради Қози меҳрибонлик билан.
— Хуморбосдими? — Кесакполвон шундай деб яна беихтиёр равишда чўнтагидан сигарет чиқариб, лабига қистирди. — Сен бола, ўпкангни бос. Хумор дейди-я...

Қозининг бу меҳрибонлиги болохонадор «ширин сўкиш» билан тақдирланди. Қайси айби эвазига бундай олий мукофотга эришганини англамаган Қози машина моторини ўт олдирди-ю, «қаёққа юрай?» деб сўрашга ботинмай, хўжайинига қаради.
— Юрмайсанми? — деди Кесакполвон асабийлашиб.

Қози машинани жойидан жилдирди-да, бомба устида ўтирган одам каби хавотирланиб, қайси томонга юриши кераклигини сўради. Кесакполвон жавоб беришдан аввал яна боягидек қўполдан қўпол сўкиниб олиб, сўнг:
— Уйга ҳайда, — деб амр этди.

Шундан кейин бир неча дақиқа ундан садо чиқмади. Машина трамвай йўлини кесиб ўтиб унинг кўчасига бурилганда, Кесакполвон Қозига қараб:
— Бек аканг сендан ҳеч нима сўрамадими? — деди.

Кесакполвон кеча ҳам шу саволни бериб «йўқ» деган жавобдан қониқмаган эди. Шу сабабли Қози «Кеча сўровдингиз...» деган маънода хожасига бир қараб олди.
— Нега қараяпсан? — деди Кесакполвон зарда билан. — Акахонимнинг мияси ачиб қолибди, кечаги гапини яна сўраяпти, демоқчимисан?
— Худо урсин, хўжайин, бунақа гап калламга келмади.
— Калланг бўлса келади-да... Ҳали буфетда нега имлаб чақирди?

Кесакполвон йўл ҳақи тўлаётганида Асадбек қаҳва ичиш баҳонасида буфетга ўтиб Қозини имлаб чақирди. Унинг Қозига айтадиган зарур гапи йўқ эди. Айниқса Хумкалладан гап очиб буларнинг пайтаваларига қурт туширишни истамаганди. Шунчаки «Бўтқа билан биллалашиб Зайнабнинг уйидан хабардор бўлиб турларинг», деб тайинлаган, гапириш чоғида эса Кесакполвонга ўғринча қараб олган эди.

Асадбекнинг ўзи фақат яқин олган одамларигагина бир иш буюрарди. «Бек ака, буюринг», деб илҳақ турувчи йигитлар вазифани аъёнлар орқали олишарди. Бу одатдан бохабар бўлган Қози Бек акасининг шахсан ўзидан «махсус топшириқ» олганидан мамнун бўлди-ю, орадан кўп ўтмай бу масалада хожасига ҳисобот бериши лозимлигини фаҳм этмади. Қанчадан қанча одамнинг тақдирини ҳал этиб келган унинг ақли катта хўжайин билан кичиги орасида пинҳона уруш очилганини англаб етишга қосирлик қилди. Шу сабабли каттанинг топшириғини кичигига оқизмай-томизмай етказмоқ вазифаси борлигини билмай, ғазабли нигоҳга дуч келди. Ғазабли нигоҳ ундан ўзини оқловчи баҳона эмас, аниқ жавоб кутарди. Қассоб бир оз довдираган ҳолда Бек акасидан эшитган гапни айтди-да, «Шу ҳам катта айбми?» дегандек Кесакполвонга қараб олди.

«Куёви касалхонада ўламан, деб ётибди. Қизи уйда бўлса... Қаровсиз ҳовлининг нимасини пойлайди?» Кесакполвон топшириқдан кўзда тутилган мақсадни англамай:
— Шунинг ўзими? — деб сўради.
— Бошқа ҳеч нима демадилар.
— Хумкаллани сўрамадими?
— Сўрамадилар.

«Қизиқ, нега сўрамади? Гумонини ҳақиқатга айланишини истаса сўраши шарт эди. Мен ўзим вос-вос бўлиб қолдимми? Ундан бекорга хавотирланяпманми? Э, йў-ўқ... унинг кўзлари мени алдолмайди. Кўзига қараб, ичида нима ёнаётганини шу пайтгача билмай юрсам, ғирт аҳмоқ бўлардим. Хумкаллани барибир бу боладан сўрайди. Дўхтирни ҳам тинч қўймайди. Бекорга «тегмаларинг», демади. Ҳали сайратади уни...»

Машина Кесакполвоннинг дарвозаси қаршисида тўхтаганида томчилаётган ёмғир жалага айланди. Болохонадаги йигит чаққон тушиб дарвозани очгач, Қози машинани ичкари ҳайдаб кириб, чап томонга тақаб тўхтатди. Йигит илдам юриб келиб, олд эшикни очди. Кесакполвонга унинг бу иши ёқмай, ўқрайди-да, эшикни зарда билан тортиб ёпди.
— Хумкаллани сўраса нима дейсан?
— Ўзингиз тайинлаган гапни айтавераман-да.
— Қани, айт-чи?
— Шу... уч-тўрт кун олдин маишат қилганимиз, кечаси дўхтирни йўқлаганимиз...
— Дўхтир қаёқда эди?
— Буни айтмовдингиз, хўжайин?
— Бек аканг сўраса ҳам шунақа дейсанми, э эшак мия! Сен дўхтирни топ.
— Хўп, хўжайин.
— Қаёқда писиб ётганини уйидагилар билар.
— Бу ёғини қойил қиламиз, ҳаммаси бехит бўлади.
— Менга қара, шу дунёда миллион дўхтир бормикин?

Қози елка қисди. «Хўжайин, санаб чиқ, десангиз санаб чиқаман, лекин ҳозир аниғини билмайман», дегандай қараб тураверди. Кесакполвон унга боқмаган ҳолда, ўзига ўзи гапиргандай давом этди:
— Миллион дўхтирдан биттаси қуриса дунё камбағаллашиб қолмас, а? Нима дейсан?

Қози хўжайинининг мақсадини англаб ишшайди:
— Хўжайин, асли ҳисоб-китобни тўғри қилиб қўйиш керакмикан? Дўхтирнинг сони битта кўп экан?
— Унақада Бек аканг келгунича ҳисобни тўғри қилиб қўй.

Кесакполвон шундай деб эшикни очди-да, машинадан тушиб уй томон юрди. Хизматга маҳтал йигит эса қўлларини қовуштирганича ўзини четга олди. Қози ҳам машинадан тушиб калитни йигитга узатди-да, «ўртага олиб, яхшилаб арт», деб буюргач, болохонага чиқди.

3

Меҳмон кутишга мўлжалланган катта хонанинг ойнаванд томондаги оромкурсиларни банд этган Кесакполвоннинг хотини, қизи, куёви ва хос сартарош карта ўйинига шу даражада берилиб кетган эдиларки, ҳатто эшикнинг очилиб-ёпилганини ҳам сезмадилар. Кесакполвон остонани ҳатлаб ўтиб, уларга бир оз қараб турди. Қайнона билан куёв, Моника билан сартарош шерик бўлиб, бир-бирларини енгмоқ қасдида қарта ташлашарди. Пастак столнинг четидаги оғзи очиқ коняк, биллур қадаҳчалар ҳам Кесакполвоннинг назаридан четда қолмади. Аввалига бақириб, сўкиб бергиси келди. Лекин шу онда қулоғига кимдир «биринчи марта кўраётганинг йўқ-ку, буни» деб шивирлагандай туюлиб, ғазабини ютгандек бўлди. «Ютгандек бўлди», демоғимиз сабаби бор: Кесакполвон бош кўтарган ғазабни ноумид қайтарувчи номардлардан эмас. Ҳозир ҳам одатига хиёнат қилмади. Ғазаб ўқларини сал қиялатиб, куёви томонга отди:
— Вей, менга қара, куёв бола, сенинг уй-пуйинг борми, хотининг билан уйингда ўтирсанг ўласанми?

Тўсатдан янграб, магнитофондан таралаётган мусиқа товушини босиб кетган бу овоздан тўрттовлари ҳам чўчиб тушишди. Моника бармоғида қистириғлиқ сигаретни шошиб кулдонга ташлади-да:
— Ой, папул келди, — деб ўрнидан турди. Бунақа бақиришларга кўникиб кетган куёв ҳам эриниб, қўзғолди. Моника тез-тез юриб келиб дарғазаб отасини қучоқлади. Кесакполвон жаҳли чиққанини яна бир карра таъкид этмоқ мақсадида қизини одатдагидай ўпиб, эркаламади.
— Папул бугун вне настроенияда, — деди Моника аразлаб.
— Папанглар чарчаганлар, — Кесакполвоннинг хотини шундай деб унга яқинлашди: — Ҳа, адаси, тинчликми?

Кесакполвон хотинига ўқрайиб қараб, хонаси томон юрди.
— Ҳай, адажониси, бир минутга тўхтанг, у нас новости. Ленинградда парикмахерларнинг международний виставкаси бўлаётган экан.
— Виставка эмас, конкурс, — деб изоҳ берди сартарош.
— Ну да, конкурс. И шу конкурсга Гогик бориши керак.
— Борса ана катта кўча, қўлидан ушлаб турганим йўқ, — деди Кесакполвон минғирлаб.
— Как это «катта кўча»? Бу простой конкурс эмас, международний ахир. И Гогик победител бўлиши керак. И Моника ҳам бориши керак Ленинградга.
— Ҳа, қизинг ҳам сартарош бўлиб қолдими?
— Ну зачем, адажониси, Гогик Мониканинг сочини прическа қилади.

Кесакполвон «Бор-э!» дегандай қўл силтаб, хонасига кириб кетди. Диванга ёнбошлаган чоғида эшик очилиб, юзини буриштирган Моника кўринди.
— Папул, кетаверайми? — деди у остонада турганича.

Аразчи қизининг чўччайган лабларига кўзи тушган Кесакполвоннинг қаҳри бир оз юмшаб:
— Ленинградгами? — деб сўради.
— Уйимга! — деди Моника пўписа оҳангида. — Между прочем, биза кўчада қомаганмиза. И слава богу, уйимиз бор. Просто силага скучна бўлмасин, деб келамиза. Энди скучат қилсангиз ўзийз бориб кўрасиз.
— Оббо, бўлди, шунга ҳам аразми? Ойинг сени гармдорининг устига туққан-да, а, асалим, — Кесакполвон туриб келиб қизини ёноғидан ўпди.
— Посторонний одамни олдида просто унижат қилиб юборасиз.
— Ҳазиллашдим, қизим, ҳазиллашдим. Посторонний йўқ-ку, бу уйда. Гогикми? У ҳам ўзимизники ҳисоб. Ҳазилимни тушунади.
— Ленинград нима бўлади?
— Ойинг билан маслаҳатлаш, билганларингни қилларинг.
— Мерси, папул, — қизи шундай деб эркаланганича уни ўпди-да, қувноқлик билан изига қайтди.

Кесакполвон қизидан фақат «хўп» деб қутилиши мумкинлигини яхши билгани учун ҳам тезгина таслим бўла қолди. Қизини биров эмас, ўзи эркалатиб ўстирди. Бу ўринда «тарбия қилди», демоқ ножоиз. Чунки отадан яхши тарбия кўрган қиз бундай бўлмас. Кесакполвон «Нима учун мен эмас, фалончи кучайиб кетяпти?» «Нима сабабдан фалончи мендан бойроқ?» деб ўзини саволга тутарди. Бироқ, ҳеч қачон «нимага фалончининг фарзанди унақаю, меники бунақа?» деган саволни хаёлига ҳам келтирмаган.

Бунақа қарта ўйнаб ўтиришганини энди кўрибдими, ҳозир кайфияти чатоқроқ бўлгани учунгина бақирди. Қизининг сартарош билан Ленинградга бориши ҳам унинг учун аҳамиятсиз бир нарса эди. Агар кайфи чоғ пайтда бу янгиликни эшитганда «Ие, зўр-ку, албатта бориш керак», демоғи шубҳасиз эди.

Кесакполвон диванга чўзилиб, ётган ерида керишди. У шифтдаги нақшларга, деворга чизилган гулларнинг расмига қараб ётишни яхши кўрарди. Номдор наққошни топдириб келиб ишлатишга пулни аямаган эди. Наққош айниқса рўпарани шундай безаганки, бегона одам минг тикилсин, девор орасида пўлат сандиқ борлигини илғай олмайди. Пўлат сандиқ ичида нималар борлиги фақат Кесакполвоннинг ўзигагина маълум. Бундаги бойлик невараларининг еб-ичиши, ўйнаб-кулишигача етиб ортади. Пўлат сандиқ тўлган, лекин кўз тўймайди.

Асадбек қизи ўғирланган кезлари маъюс оҳангда «Топган-тутганларимиз невара-чевараларимизга ҳам етиб-ортади. Бизга яна нима керак?» деганида Кесакполвонга бу гап эриш туюлган эди. «Бизга яна нима керак? Бу дунёда нима деб юрибмиз ўзи? Бой бўлмасанг биров сени одам ўрнида кўрмайди. Худо бериб турганида тўплайверсанг-чи! Невара-чеварангга етадими-йўқми, ҳисоблаб нима қиласан? Ҳисоблаганинг са-йин барака қочади...», деган хаёл билан хожасини тентакка чиқарган эди. «Ҳисоблаб нима қиласан», дегани билан унинг ўзи пўлат сандиқ ичидагиларни санаб туришни ёқтиради. Санаётганида бармоқлари яйрайди, юрагига эса ғалати бир қувват оқиб киргандай бўлади. Ҳозир ҳам туриб санагиси келди. Бироқ, ён хонада одамлар борлигини эслаб, бу роҳатбахш юмушни ке-йинга қолдирди.

Девордаги гуллар расмига тикилиб ётган чоғида Асадбекнинг «Бизга яна нима керак?» деган гапи ёдига тушди. «Агар тирик қайтсанг, невара-чеварангга етадиган бойликларингни е-эб ётаверасан. Олифтагарчилик қилувдинг, мана, Худо бераридан қисди. Ўлмай қайтганинг ҳам дуруст ошнам, бойликнинг қадрига етасан. Хонгирей жонингни олмаса ҳам тахтингни олади. Бир пайтлар чўталчи эдинг, кунинг яна шунга қоладиган бўлди...», деб ўйлаб, кулимсираб қўйди. Кейин хаёлига қўққис бир фикр келди: «Масковга кетган Ўқилон чувалчанг бўлиб қайтади. Чувалчангдан қўрқиб ўтирибманми?» Мазкур фикр вужудига роҳат бериб, бу сафар яйраб керишди.

Кесакполвон девор ичига ўрнатилган пўлат сандиқдаги бойликларни, бу уй, бу қимматбаҳо жиҳозларни... ҳамма-ҳаммасини ўзиники ҳисобларди. «Шу бойликларнинг эгасиман», деб ҳузурланарди. Нодон банда бу дунёдаги ҳеч нарса уники эмаслигини билмасди. Ҳа, ҳеч нима! Ҳатто ўзининг гавдаси: бош-кўзлари, қўл-оёқлари... Ўзига тегишли эмаслигини фикр ҳам қилиб кўрмаган. Буларнинг барчаси вақтинча ўзиники, аслида эса лаҳад қуртлариники эканига ақли етмайди. «Менинг бойлигим» деган нарса эса жон чиқиб, жасад лаҳад қуртларига топширилганда асқотмайди.

Диванда талтайиб ётган Кесакполвон буларни ўйламайди. Бундай ўй учун миясида бўш жой ҳам йўқ. Бу каби одамларнинг оғирлиги тўрт ярим килодан зиёд бўлган мияларида лоақал зарра миқдоридаги улуш охират ўйи билан банд бўлганида эди, ҳаёт ўзгача тарзда кечармиди, валлоҳи аълам?

Йўлдаги кўнгил нохушлиги тарқаб, Кесакполвоннинг ичгиси келди. Жавонда ўн-ўн беш хил ичимлик хизматга бел боғлаб турибди. Лекин улардан бирини олиб ичмоқ учун дивандан турмоқ керак, икки ярим қадамли узун масофани босиб ўтмоқ зарур, қўлни чўзмоқ, шишани олмоқ, қопқоқни очмоқ, пиёлага қуймоқ лозим. Кесакполвон учун бу юмушлар анча мушкул туюлиб, осонроқ йўлини топди. Ётган ерида:
— Ҳов, бу уйда тирик жон борми?! — деб бақирди. Икки нафас ўтмай қўшимча қилди: — Ўлиб қолдиларингми ҳамманг!

Тахминан бир дақиқадан сўнг эшик очилиб, хотини кўринди:
— Етиб келгунимча чутли оламни бузиб юбора-сиз-а, — деди у остона ҳатлаётиб.
— Лопилламай тезроқ юрсанг ўласанми? — деди Кесакполвон зарда билан.
— Келдим-ку? Чут что дарров бақирасиз. Нима, ман сизга ёш келинманми?
— Ҳа, яхши, қарилигингни бўйнингга олдинг.
— Ҳа, қариман, ваабше старушкаман. Хўп, нимага чақирдингиз?
— Қуй, анавиндан.
— Қайси биридан?
— Эркакнинг хўррози «Наполеон»дан ичади-да. Бақувват қилиб қуявер, буфетчиларга ўхшаб қўлларинг қалтирамасин.

Хотин пиёлага тўлдириб коняк қуйиб, тортмадан шоколад олгач, эрига тутди. Кесакполвон ичиб, шоколаддан тишлаганида:
— Адажониси, бугун сал нетўроқмисиз? Уйга киришга успет қилмай бақирдингиз-а?
— Бақиришим ёқмай қолган бўлса, ана, жавобимни бериб қўя қол. — Кесакполвон шундай дегач, ҳузурланиб чўзилди. Хотини эса оёқ томонга омонат ўтир-ди.
— Менга қаранг, чут что «жавобимни бер», дейдиган бўлиб қолдийза. Шошилманг, қутулиб қоларсизам. Аввал мени олиб бориб кўмиб келингда, ана, уч кундан кейин пожалуйста, уйланаверинг.
— Шунақами? — Кесакполвон захарли илжайди. Хотинининг жиғига тегиш учун оёғининг учи билан юмшоқ ерига аста тепди. — Уч кун кутадиган аҳмоқманми мен. Сени кўмиб, уйга қайтишдаёқ уйланаман. Сенга жаноза ўқиган мулла ярим соатдан кейин мени никоҳлаб қўяди.

Хотин дийдиёсини авжга чиқариш баҳонасида оғиз жуфтлади-ю, аммо «вот что» деганича қолди. Кесакполвон уни гапиртиргани қўймади:
— Бўлди, вижи-вижи қилаверма. Нима дейсан, дардингни айт.
— Дард? Какой дард...
— Ғингшима. Сен бекорга минғирламайсан. Нима, сенам Ленинградга бормоқчимисан?
— Фу! — Хотин шундай деб лабини бурди. — Сто раз борганман ўша Ленинградингизга. Ваабше менга ёқмайди у шаҳар.
— Ленинград ёқмаса, ана, Ялтага бор.
— Ялтага? Ҳозир? Вы что, адаси устимдан куляпсизми?
— Устингдан кулмай, тагингдан кулайми? — Кесакполвон шундай деб яна оёғи билан туртди: — Бўпти, нима дейсан?
— Между прочим, Ойсанамхон Японияга кетаётганмишлар.
— Ойсанамхонинг ким бўлди?
— Как ким бўлди? Эри ўлди-ку? Началник таксопаркмиди? Ну вот, эри бўлмасаям кетяпти Японияга.
— Сенга қийин бўпти-да, а? Эринг бўлсаям ўтирибсан Японияга бормай.
— Сиз... издеватся қилманг. Вот, Пошша опам ҳам юрибдилар Германияда мазза қилиб. Бирга юборсайиз бўларди, ҳар ҳолда чужой эмасмиз-ку?
— Жиннимисан! — Кесакполвон энди қаттиқроқ тепди. — Ўзи таклиф қилмаса, «хотинимни билла олиб кетинг», деб ялинаманми? Боргинг келиб, ичагинг узилай деб турган бўлса, ана, боравер.
— Унда, майли, Германия подождет. Японияга бирга борайлик. Одамлар завистдан куйиб кетсин.
— Нима? Бирга борайликми? Энди қилмаганим Японияда бир қоп гўштни етаклаб юришим қолувди.
— Нима? — Хотин Кесакполвоннинг сонини чимчиламоқчи бўлди. — Шу мешок гўштни, между прочем, ўзингиз яхши кўриб олгансиз.
— Ҳа... унда дўмбоққина эдинг-да. Бўпти. Гапни қисқа қил. Японияга борасанми, ундан наригами, боравер. Бошимни қотирма!

Эр-хотиннинг ширин суҳбати якун топганини билгандек, ёзув столи устидаги телефон жиринглади. Бу хонадонда иккита телефон бўлиб, мазкур рақам фақат яқин одамларгагина маълум эди. Шу сабабли Кесакполвон ўрнидан туриб, гўшакни ўзи кўтарди. Кимнинг-дир гапларини эшитиб, билагидаги соатга қаради-да «яхши» деб гўшакни жойига илди:
— Ана, Хизрни йўқласанг бўларкан, Пошша опанг келяпти.
— Келинлари биланми ё бир ўзларими?
— Буни келганида ўзидан сўрайсан.
— Вой, интересносиз-а, если келинлар билан келсалар, майда-чуйда қилишим керак-ку?
— Майда-чуйдангни тайёрлайвер, бақувватроқ тайёрла, қўлинг қалтирамасин.

Хотини чиқди-ю, дам ўтмай изига қайтди:
— Сизни кўчада сўрашаётганмиш, — деди нозлироқ оҳангда.
— Ким экан?
— Между прочем, бир ёш хотинмиш.
— Хотин бўлса яхши, — Кесакполвон шундай деб керишди-да, овоз чиқариб эснади. — Юр, сенам.
— Мен нима қиламан? — деди хотини ажабланиб.
— Кўриб қўй. Хотинликка номзодлардан биттасидир-да. Уйлансам ҳам сенга ёқадиганига уйланаман. Яна ётган ерингда «Вой, савил, келиб-келиб шуни олдингизми, ундан кўра ўзим сто раз яхшимасмидим», деб сасиб ётмагин.
— Вуй, ваабше нетерпимо бўлиб кетяпсиз, — Хотин шундай деб муштимини қисди-да, пўписа қилиб, орқасига чекинди.

Кесакполвонни айвонда кутиб турган йигит Хумкалланинг хотини келганини айтиб балога қолди. Хўжа-йини унга эшакка қандай қариндошчилиги борлигини маълум қилгач:
— Йўқлар, девормайсанми? Қанақа қаланғи-қасанғи келса қўяверасанми? — деди.
— Йўқлар, десам, остонага ўтириб олди. «Ярим кечада келсалар ҳам пойлайман», дейди.

Кесакполвон яна ғўдираниб сўкинди-да, йигитга эргашиб кўчага чиқди.
— Ҳа, сингил, келинг. Нима ишингиз бор менда?— деди уни танимагандай.
— Мен... Миродил аканинг аёллариман, — деди жувон унга нажот кўзи билан қараб. У «Ие, укахонимизнинг аёлимисиз, тинчликми, нима гап?» деган ширин гап кутган эди. Бироқ бошқа оҳангдаги бошқа гапни эшитди:
— Ким? Миродил дейсизми? Сен танийсанми шунақа одамни? — деди Кесакполвон орқасидаги йигитга ўгирилиб. — Эрингиз қаерда ишлайди?
— У киши... сизда...
— Менда? Мен такси кооперативининг хўжайиниман. Менда Миродил деган бола йўқ. Сиз адашганга ўхшайсиз, синглим.
— Сиз... тўйимизга боргансиз...
— Мен кунда ўнта тўйга бораман. Хўп, нима дардингиз бор, эрингизни ишга олайми?
— Йў-ўқ... адамиз беш кундан бери уйга келмайдилар. Милиса ҳам суриштириб қолди.
— Ўҳ-ҳў, синглим, милиса аралашган иш билан менинг олдимга келманг. Эрингиз уйингизга қайтмаган бўлса, милиса билади, дарров милисага учранг. Мен эрингизни танимайман, бора қолинг. Иккинчи бу кўчадан ўтманг.

Аёл рўпарасидаги жонзотнинг одамми ёки шайтон эканини фарқлаб олмоқчидай унга бир оз тикилиб турди-да, сўнг аста орқасига ўгирилди. Кесакполвон «қарасанг қарайвер, кимлигимни икки дунёда ҳам билолмайсан», дегандек унинг тикилишига монелик қилмади. Жала кучдан қолгани билан, ёмғир тинмаган эди. Аёл ёмғир томчиларининг кузтувида юриб борарди.

Эрининг жони арзонга кетди. Кунда уч-тўрт маҳал овқат, неча ўн ёки юз ютум ароқ, вино... вассалом. У «акахон, хизматингизда бўлай», деб ҳузурига келган эди. Аслида «муҳтарам жон олғувчи акахоним, сиз жонимни олингу эвазига мени боқинг», деса ҳам бўлаверарди...

VIII боб

1

Уйга кечроқ қайтган Зоҳид жиянини кўрдию юраги қандайдир нохушликни сезгандай увишди. Ўғлини ухлатиб чиққан Фотиманинг кўз қарашларида ҳам ғалати бесаранжомликни илғагандай бўлди. Жиянидан «опам, поччам, укаларинг яхшимилар, катта ҳовлига ўтиб турибсанми, бувинг, опоқ даданг соғ-саломатмилар?» деб сўрагач, «Тинчликми?» деган сўроғига «Тинч-лик, ўзим шунчаки бир айланиб келувдим», деган кўнгил ташвишини босувчи жавоб кутди. Ёши ҳали ўн бешга етмаган ўсмирнинг даладан шаҳарга «шунчаки айланиб келиши» мумкинмаслигини билса ҳам ўзини шундай жавоб билан овутишни истади. Жияни дилга ором бера олувчи гапни айтишга улгурмай хотини унинг умидини чиппакка чиқариб қўя қолди:
— Пешиндан бу ёғига ишхонангизга минг мартача қўнғироқ қилгандирман. Вой... — хотини шундай деб кўкрагига қўлини қўйди. — Ҳозир юрагим ёрилиб кетади.

Барча аёлларга инъом этилган ваҳима касалидан Фотиманинг ҳам баҳраманд экани Зоҳидга маълум. Дўконда бир соат навбатда туриб сут етмай қолса ҳам у эрига шикоят қилиб «ҳозир юраги ёрилиб кетажагини» албатта айтади. Бунақа пайтда Зоҳид «юрак ҳам сал нарсага ёрилаверар экан», деб кулимсираб қўярди. Юракнинг ёрилиши ҳақидаги гапнинг оҳангида ҳозир хавотир мавжудлиги учун Зоҳид кулимсирамади. «Нима бўлди?» деб жиянига қаради. Жиян сўз айтишга улгурмай Фотима у олиб келган хабарни янада ваҳимали оҳангда маълум қилди:
— Дадамлар отдан йиқилиб тушибдилар. Елкалари синганмиш.
— Қачон?

Фотима «асосий гапни мен айтдим, бу ёғига ўзингиз жавоб бераверинг», дегандай жиянига қаради. Келинаясининг бу лутфидан фойдаланган жиян жавобни ҳаяллатмади:
— Уч кун бўлди... шу якшанбада.
— Уч кун бўлди? Энди хабар берасанларми?
— Айб ўзингизда, — деди Фотима жияннинг ёнини олиб, — якшанбада борамиз дедингиз, сўзингизда турмадингиз. Борганимизда шу фалокатнинг олди олинарди. Улоқ ўлгургаям чиқмасийдилар.

Фотиманинг шу гапи дард устига чипқон бўлди. Зоҳиднинг вужудини куйдира бошлаган хавотир ўтига алам мойи сепилдию хотинига беихтиёр равишда «бир пас вайсама!» деб бақирди. Ҳуда-беҳудага бақираверадиган эрларнинг хотинлари бир вайсашга тушсалар тинишлари мушкул. Бу мушкулотни ечмоқ учун кўпинча эрнинг мушти ишга солинади. Хотинига ҳадеб бақиравермайдиган Зоҳиднинг «Бир пас вайсама!» дейиши Фотимага кифоя қилди.
— Уйдамилар, касалхонадамилар? — деб сўради Зоҳид жиянидан.
— Уйдалар. Дўхтирлар гипслаб қўйишди. Лекин... жудаям оғриётганмиш. Бугун Улоқчи бува келувдилар. Шаҳарда Моштабиб деган одам бор экан. Улоқчи буванинг беллари синганда тузатган эканлар. Сиз ўша одамни топиб, олиб борар экансиз.

Отасини кўргани ҳозироқ йўлга чиқмоқчи бўлиб турган Зоҳиднинг шашти қайтди. Тўртта нон кўтариб боришдан фойда йўқ. Азоб чекаётган отаси табибга муҳтож. Эрининг индамай қолганидан таажжубланган Фотима:
— Ўша одамни танийсизми? — деб сўради.

Зоҳид жавоб бермай, дераза томонда тўшалган кўрпачага бориб ўтирди.

Моштабиб деганларини танишга-ку, танийди-я. Уни ўйлантириб қўйган барча мушкулот ҳам ана шу танишида эди.

2

Депара ички ишлар бўлимида амалиёт ўтаб юрган кезлари бошлиқ ўринбосари чақиртирди-да, хонасида ўтирган одамни «Капитан Темиров» деб таништиргач, шу нозирнинг ихтиёрида бўлажагини билдирди. Зоҳид вазифаси нимадан иборат эканини йўлда кетаётганларида нозирдан эшитди:
— Эски шаҳарда Моштабиб деган одам яшайди, эшитганмисиз? — деб сўради. Нозир Зоҳиддан «йўқ», деган жавобни эшитгач, афсус маъносида бош чайқаб гапини давом эттирди: — Шундай машҳур одамни эшитмаганмисиз? «Моштабиб» деган ном билан Худо билади, минг йиллардан бери неча юз табиб ўтган экан. Отадан болага ўтиб келаверган-да. Моштабиблар Амир Темурни ҳам даволашган.

Нозир кейинги гапини худди «Амир Темур»ни даволашаётганда ўзим ҳам бор эдим, подшонинг оёғини ўзим ушлаб турганман», деган оҳангда, фахр билан айтди.
— Минг йиллардан бери одамларга хизмат қилиб келган моштабибларнинг иши эндиги замонда зарарли эмиш. Шу маҳаллада бир-икки ғаламис бор, юқори идораларга хат ёзгани ёзган. Улар ёзади, калтак эса менинг бошимда синади. Ёзадиганларнинг биттаси дўхтир. Ўзим бориб гаплашдим ўша билан. «Барака топгур, Моштабиб сенинг касалларингни тортиб олиб, нонингни яримта қилаётгани йўқ. Сен қорин дўхтир бўлсанг, у синди-чиқдига қараса, қўй энди», десам, «Сен феодализм сарқитини ҳимоя қиляпсанми, сен илғор Совет медитсинасининг нақ душмани экансан», деб башарамга дангал айтди. Айтса ҳам майли, кейинги хатига мени ҳам тиқиштирибди. Сал қолди урилиб кетишимга. Битта юлдузни, — Нозир погонига ишора қилди, — ўшанда камайтиришди. Бу қизталоқлар пичанга боғлаб қўйилган итга ўхшашади. Ўзлари ҳам ейишмайди, бировга ҳам бергилари келмайди. Хўжа-йинлар ҳам қизиқ, ука, мен аниқ биламан, олдинги катта хўжайинни шу одам шифолаган. Бу одамнинг яхши табиблигини ҳаммалари билишади. Лекин барибир ғаламис хат келса питирлаб қолишади. «Хат рўйхатдан ўтган, чора кўриш керак», деб буйруқ бераверишади. Шифо топган улар-у, шу хат орқали балога қолган менман. Ҳозир давр шунақа бўлиб қолган, ука, билиб қўйинг. Ана энди иккаламиз уч-тўрт кун кўчада қоққан қозиқдек ўтирамиз. Ўтган-кетганлар ичларида сўкадиларми, ҳар ҳолда нима дейишса дейишар. Башарамизга тупуриб ўтишмагани учун дўппимизни осмонга отсак ҳам арзир. Ука, сиз шу соҳани танлабсиз, билиб қўйинг: мана шунақа ишлар милисани одамлар кўзига бало қилиб кўрсатиб қўяди. Шу жамиятнинг ишларига ҳам қойил қолмайман баъзида.
— Қойил қолмасангиз ҳам шу жамиятга хизмат қиляпсиз-ку? — Зоҳид шундай дейишга деди-ю, нотаниш, синалмаган одамнинг хафа бўлиши ёки аччиқланиши мумкинлигини ҳисобга олмаганини фаҳмлаб, унга хавотир билан қараб қўйди. Бахтига нозир ранжимади, аччиқланмади ҳам, аксинча, енгил «уф» тортди-да:
— Тирикчилик шу бўлганидан кейин ҳар қанақа хизматни қилаверамиз-да, — деди. — Аслида мен бу касбни ишқибоз бўлиб танламаганман. Ҳарбийдан қайт-ганимда комсомол юборган. Ўқий десам, уқувим йўқ эди, бирор ҳунарга ҳам қизиқмабман. Сизнинг йўриғигиз бошқа. Ўзингиз яхши кўриб, ўқиб келяпсиз. Сизга ўхшаганлар кўпайса мендақаларга нон қолмайди.

Ҳали уйланмаган ғўр йигитга ҳасратини айтиб бораётган нозирнинг тақдири юриб бораётганлари эски шаҳарнинг эски кўчалари каби эди. Жин кўчаларнинг жони йўқ — ҳадемай бузилиб, ўринларида янги йўл тушажагидан хавотирланишмайди. Нозирнинг тақдири ночорроқ...

Жин кўчалардан ўтиб бораётган Зоҳид ўз тақдирига оид бир масалани кашф этди: ўқишни тамомлагач, шунчаки бўш бир ўринга келмайди. Балки хизматни «тирикчиликда» деб ҳисобловчи айнан шу одам ўрнига ҳам келиши мумкин. Шунда тирикчилик ташвиши билан юрган яна бир бошқа одам унга ола қарамайдими? Бора-бора Зоҳиднинг ўзи ҳам ўзгармайдими? «Адолат учун курашаман!» деган шиорини тирикчилик либоси бўғиб ташламайдими? Вақти келиб ўрнини ёш йигитга бўшатаётганида уни қандай ҳис чулғайди: «Худога шукр, адолатга етишдим», дейдими ё шу одам каби «тирикчилик экан-да, ука», деб хўрсинадими? Ёки «яна уч йилгина бўшатмай туришса уйнинг чаласини битказиб олиб, ўғлимнинг тўйини ҳам ўтказиб, қутулар-дим-а», деб афсусланармикин?

Бозордан ўтиб, трамвай саройининг орқа томонидаги кўчага бурилишганида нозир Темиров:
— Шу муюлишга капа тикиб ўтирамиз. Чапдан иккинчи эшик Моштабибники, — деди.
— Уйларига кирмаймизми? — деб сўради Зоҳид.
— Нима қиламиз кириб? — Нозир ажабланиб Зоҳидга қаради.
— «Табибликни йиғиштиринг», дейишимиз керакми? Вазифамиз шунақами?
— Вазифа-ку, шу. Лекин кирмаймиз. Энг муҳими — шу ерда қоққан қозиқдек туришимиз керак. Хат ёзган ғаламислар формали одамларни кўришлари шарт. «Хатим инобатга олинибди» деб қувонишсин. Беш-ўн кун тинчиб ўтиришади. Хўжайинлар ҳам «чора кўрилди» деб ҳисоб беришади. Кейинги хат ёзилиб, керакли жойга бориб тушгунча биз ҳам дам олволамиз.

Шу пайтда улар яқинидан яшил «Жигули» ўтиб, табибнинг эшиги рўпарасида тўхтади. Машинанинг олд ўриндиғидан тушган йигит орқа эшикни очиб, ёши ўтган аёлга елкасини тутди. Аёл йигитга суянганича, чап оёғини босолмагани сабабли, ҳаккалаб юриб ичкари кирди.
— Сиз билан мен ҳозир бориб шуларни орқага қайтаришимиз керак. Борасизми? — Нозир шундай деб савол назари билан қаради. Зоҳид бу савол замирида синов борлигини фаҳмлаб, «ўзингиз биласиз» деган маънода елка қисиб қўйди. Дам ўтмай, ҳалиги аёл йигитга суянмаган, ҳаккаламаган ҳолда чиқиб келди. Чап оёғини сал эҳтиётлаб босаётгани ҳисобга олинмаганда ҳозирги мажруҳ аёл шу, дейилса биров ишонмас эди. Зоҳид ажабланиб:
— Бўлдими? — деб сўради.
— Бўлди, — деди капитан Темиров мамнун оҳангда. Унинг ёришган чеҳрасини кўрган Зоҳид «Худди ўзи даволаб, қойил қилгандай қувонади-я!» деб ўйлади.
— Оёғи чиққан экан-да, — деди нозир табобат сирларини яхши билувчи одамнинг оҳангида. — Синган бўлганида то жойига солиб боғлагунча уч-тўрт дақиқа вақт кетарди. Энди хоҳласангиз бориб суриштиринг: берган бўлса бир сўм, жуда бойваччалиги тутган бўлса уч сўм бергандир. Ғаламислар аслида шунисига чидашолмайди. Табиб бойиб кетяпти, деб ўйлаб ичларини ит таталайди. Сиз бир сўм билан бойиб кетган табибни кўрганмисиз? Мен ҳам кўрмаганман. Одамнинг жони оғриб турганида кўзига пул кўринмайди. «Мана, минг сўмни олингу тузатинг», дейди. Оғриқ тўхтагач, минг сўмни атаганини унутиб, «қўл ҳақи» деб бир сўмгина ташлайди. Шунда ҳам мардлари ташлайди ўша сўмни. Бир танга ташлаб кетадиганларни ўзим кўрганман. Ғаламисларга шуни айтсам ишонишмайди. Уларнинг назарида бу хонадонга бош уриб келган одам борки бир-икки мингдан ташлайди.
— Белгилаб қўйган нархлари йўқми?
— Қанақа нарх? — Нозир шундай деб унга «есинг жойидами, ука?» дегандай қараб қолди.
— Чиққанни солишга бунча, синганга мунча, — деб изоҳ берди Зоҳид.
— Э, — Темиров ҳафсаласи пир бўлиб қўл силта-ди. — Баъзи бир хил дўхтирларда бўлади бунақа гаплар. Табиб берганни олади. Дўхтурга ўхшаб минғирламайди, аксинча, шифо тилаб дуо қилади.

Зоҳид бу ерда кун бўйи келиб-кетувчиларнинг саноғига етмай қолди. Кунига шунча одам майиб бўлади, дейилса ишонмаслиги тайин эди. Агар бошқа даҳаларда ҳам табиблар мавжудлиги, дўхтирхоналарга ҳам мурожаат этувчилар сони ҳисобга олинса, одамнинг ҳайрат тўрига ўралиб қолиши тайин.

Капитан Темиров моштабибларнинг тарихи, таърифу тавсифини ўзи билгани қадарли айтиб тугатгач, «Энди ука, менинг бир зарур ишим бор, ров бораману ров келаман», деб кетди. «Ров бориб-келиши»ни Зоҳид узоғи билан ярим соатли муддат деб ўйлаб янглишган эди. Кун тиккага келиб, ташналикка қўшилган очлик забтига олганда ҳам Темировдан дарак бўлмади. Шунда Зоҳид бу кўчада беҳуда пойлоқчилик қилавериб безган нозирнинг аҳволини тушунди. Очлик, ташналикка ҳам чидаш мумкин эди-ку, бироқ ўтган-кетганларнинг назарларига тоқат қилиш қийин кечди. Кун пешиндан оққан маҳалда капитан қоғоз халтада сомса, шишада маъданли сув келтирди. Зоҳид таомланиш учун ҳам бу кўчани тарк этмоққа ҳаққи йўқлигини билиб, ортиқча савол бермади.
— Тўхтатмай олаверинг, мен қозонбошида тўйдим,— деди Темиров шишанинг тунука қопқоғини очиб.

Капитан олиб келган сомсанинг номи кўп эди. Айримлар лўнда қилиб «қулоқ-бурун-бўғиз» деб сомсанинг нималардан тайёрланганини таъкидлашса, баъзилар пичинг оҳангида улуғлаб «думба-жигар» дер, бировлар эса кулки оҳангида «итларнинг қувончи» деб таъриф қилар, бошқалари оддийгина «тўрт тийинлик» деб қўя қолишарди. Зоҳид бугунги аҳволига қиёсан сом-санинг қувончга тааллуқли таърифи тўғрироқ, деган тўхтамга келиб, тақдирига тан берганича нозирнинг «зиёфати»дан баҳраманд бўлди...

Ўша куни беморларни кузатиб чиққан Моштабиб улар томон қараб-қараб қўйди-ю, эътибор бермагандай ичкари кириб кетаверди.

Отасининг отдан йиқилиб елкаси сингани ҳақидаги нохуш хабардан гангиган Зоҳиднинг ташвиши Моштабибни топиб, қишлоққа олиб бориш топшириғини эшитгач, ўн карра ошди. Ихчам чўққи соқолли, кўк духоба дўппи кийган, қотма, серғайрат Моштабибнинг қиёфаси кўз олдига келиб, вужуди ҳолсизланди. Назарида Моштабиб «Ҳа, ўзинг ҳам келаркансан-ку», дегандай бўлди. Фотиманинг «Шунақа одам борми, эшитганмисиз?» деган саволи уни эзувчи хотиралар оқимидан қутқарди. Фотима эрининг «ҳа», деган маънода бош ирғаб қўйишига қаноат қилмай, саволини яна қайтарди:
— Танийман, — деди Зоҳид истамайгина. — Эрталаб учрашиб кўраман. Узоққа бориш-бормаслигини билмайман.
— Боргиси келмаса индамай орқангизга қайтмасдан, прокурорлигингизни айтинг-да.
— Прокурорнинг бошида шохи борми?

Минғирлаб айтилган бу гапга жавобан Фотима бир нима дейишга оғиз жуфтлади-ю, эрининг авзойини кўриб, оқила аёлнинг ишини қилди — тилини тия қолди. Аммо «Менга нима, азоб чекаётган ўзингизнинг отангиз-ку» деган маънода лабини буриб қўйишдан ти-йила олмади.

Зоҳид жиянига «Сен кетавер, мен табибга учраб кейин ўтаман» деб уни кузатиб қўйгач, ёшлик йилларидан нохуш хотира бўлиб қолган ўша эски шаҳарнинг эски кўчасига борди. Пойлоқчилик қилган муюлишдан ўтаётганида беихтиёр тўхтади. Оқлаб қўйилган кесак девор назарида унинг ҳолидан кулгандай туюлиб, оёқларидан қувват кетгандай бўлди. Беморни кузатиб чиққан Моштабибнинг хушчақчақ овозини эшитмаганда юрмоғи қийин эди. Икки эшик орасидаги йўл Зоҳид учун ғоят узун туюлди. Моштабибнинг ичкарига кириб кетмай кутиб туриши ҳам Зоҳидга далда берди. Моштабиб унинг саломига алик олгач, жилмайган ҳолда:
— Келинг биродар, хизмат? — деб сўради.
— Дадам отдан йиқилибдилар. Вақтингиз бемалол бўлса олиб кетсам девдим.
— Олиб кетмайсизу, бирга бориб келамиз, — деди Моштабиб кулиб.— Мен қиблагоҳимга айтиб чиқай.
— Унгача машина топиб келаман.
— Топиб нима қиласиз? Мана мошина, — деди Моштабиб эшик яқинидаги кўк «Жигули»ни кўрсатиб. Зоҳид бу машинани бирорта беморники деб ўйлаган эди. Моштабибнинг дарровгина кўниши унинг ақлини шоширган бўлса, бу марҳамати янада лол қолдирди. У сўз айтишга улгурмай Моштабиб ичкари кириб кетиб, дам ўтмай қўлида қутича ушлаганича қайтди.

Лой кўчалардан ўтишаётганда Зоҳид бир оз хижолат бўлганича:
— Узр ака, борадиган жойимизни айтмовдим, сал узоқроқ, — деди.
— Узоқ дейсизми? Хиротда эмасдир? — деди табиб кулиб.

Унинг хушчақчақ табиати Зоҳидни туни билан қийнаган уятли ҳолатдан қайтарди. Уйқусиз тунда моштабибга учрашишнинг бир неча шаклини мўлжал қилган эди. Охири «Бораману тўғрисини айтаман, олти-этти йил аввал кўчангизда пойлоқчилик қилган милиса мен бўламан. Лекин сизга ёмонлигим йўқ эди», демоққа қарор қилганди. Бироқ, Моштабибнинг «келинг биродар» дейиши бу хом қарорини йўққа чиқарди. Йўлда кетатуриб ўша пойлоқчилик воқеасини тилга олиб узр сўрамоққа тараддудланди, аммо бунга ҳам журъати етмади. «Узр сўрайдиган одам бошига ташвиш тушгунича олти-этти йил кутармиди», деб ўзини ўзи койиди.

Моштабиб Зоҳидни турли хаёллар қийнаётганини сезгандай ўзи гап бошлаб қолди:
— Биродар, йўлимиз узоқ экан, жим кетишни жиним ёқтирмайди. Хўп десангиз, мен сизга бир нима айтиб бераман.
— Яхши бўларди, — деди Зоҳид, сўнг узрли оҳангда қўшиб қўйди: — Мен асли гапга нўноқроқман.
— Гапга нўноқмасдирсиз. Ҳозир адангизнинг аҳволларини ўйлаб, ташвишланяпсиз. Одам ташвишланганида тилига гап келмайди. Энди эшитинг: Фаридуддин Аттор ҳазратларида ривоят бор: эмишки, мамлакатда одам роппа-роса ўн йил подшо бўларкан. Ўнинчи йилнинг сўнгги куни адоғига етгач, подшони тахтдан тушириб, қайиққа ўтказишаркан-да кимсасиз оролга олиб бориб, қип-яланғоч ҳолида ташлаб келишаркан. Шу ривоятни эшитганмисиз?
— Йўқ, — деди Зоҳид айбдор одам оҳангида.
— Унда диққат билан эшитинг: бунақа ибратли ривоятларни қадимги мактабларда ўқитишган экан, ҳозиргилар билишмайди. Менинг бахтим чопиб, бир ақлли одамдан сабоқ олганман. Бўлмаса камина ҳам омилигича қоларди. Хуллас, навбатдаги одам подшо бўлиб тахтга ўтиргач, юм-юм йиғлармиш. Вазири ажабланиб: «Шоҳим, нега қайғурасиз?» деб сўрабди. «Нега йиғламай, ахир менинг ҳам қисматим салафларим кабидир. Ўн йил ўтгач, мени ҳам кимсасиз оролга қўйиб келадилар. Ўн йиллик кайфу сафо эвазига азоб-уқубат чекаман. Оқибатда илон-чаёнларга ем бўламан.» дебди. Шоҳнинг бахтига вазири доно экан. У дебдики: «Эй, зукко шоҳим, ҳамонки шунга ақлингиз етибди, энди бир иш қилинг: ўзингизни беҳуда кайфу сафодан ти-йингда бунинг эвазига ўша кимсасиз оролни обод этишга киришинг. Дарахт экинг, боғ қилинг. Шунда сизни азоб эмас, роҳат кутажак». Бу маслаҳат подшоҳга маъқул келибди. Ривоятга тушундингизми?
— Ҳа, — деди Зоҳид.
— Йўқ, ҳали тўла тушунмадингиз, — деди Моштабиб унга қараб олиб. — Бу ривоятнинг асл мазмуни руҳга тааллуқли, жуда чуқур. Аттор ҳазратим айтмоқчиларки, ҳар бир одам ўзига ўзи подшоҳдир. Румий ҳазратларида зўр бир фалсафа бор: «Киши тушида ўзини шоҳ сифатида кўрса, атрофидаги одамларнинг парвона бўлишига қараб туриб: «ҳукмдор менман, мендан ўзга подшоҳ йўқ», дейди. Бироқ, уйғониб, уйида бир ўзини кўргач «Бу — менман ва мендан бошқа ҳеч ким йўқ», дейди. Бу — ҳақиқат. Ҳақиқатни кўрмоқ учун эса бедор кўз керак. Уйқули кўз кўрмайди». Зўр гап-а!

Зоҳид «Ҳа» деди-ю, унга ажабланган одам кўзлари билан қаради: «бу табибми ё олимми?» деб ўйлади. Ундаги ўзгаришни сезган Моштабиб эса йўлдан кўз узмай гапини давом эттирди:
— Хуллас, подшоҳ — ҳар бир одамнинг ўзи. Вазир — одамнинг виждони. Одам белгиланган муддатини яшаб бўлгач, уни қайиққа ўтқазадилар. Қайиқ — тобут дегани. Тобутнинг одамлар елкасида қалқиб бориши денгиз тўлқинларидаги қайиққа ўхшайди, тўғрими? Кимсасиз оролга яланғоч ҳолда ташлаб келиш — лаҳадга жойлаш дегани. Буни охират ороли десак ҳам бўлади. Бу охират ороли кишининг ҳаётлиги чоғидаги яхши, савоб ишлари билан обод бўлар. Виждон айтяптики, «ей инсон, ҳадеб маишатга берилавермай, одамларга яхшилик ҳам қил, шунда боқий дунёда сени шу хайрли амалларинг кутиб олади. Ўзингга бошпана, ҳамроҳ бўлади. «Ривоятнинг асл мағзига кўра, биродар, бугунги ишимиз билан сиз ўз охиратингиз оролига бир хайрли ниҳол экдингиз. Солиҳ фарзанднинг ота-онаси учун қилган ҳар бир хайрли иши охиратини обод қилади.

Бу гапни эшитиб Зоҳид бошини эгди. Моштабибга бир қараб олгиси келди-ю, ботинмади. «Солиҳ фарзанд... — деб ўйлади, — отаси тўрт кундан бери азоб чекиб ётибди. Бу солиҳ фарзанд эса энди кетяпти...»

Зоҳид ҳамроҳининг мақтовини ҳазм қила олмади — ўзини солиҳ фарзандлар қаторига қўшмоққа ҳақсиз ҳисоблади. Айни шу чоқда яна бир нарсани кашф этди: авваллари ҳар шанба қишлоғига бориб, якшанба оқшомида шаҳарга қайтиш одат тусига кирган эди. Кейинроқ икки ҳафтада, сўнгроқ ойда бир йўқланадиган бўлди. «Адолат учун кураш»даги ишлари ғоят кўпайиб кетган ўғилларининг вақти йўқлигини англаган ота-оналарининг ўзлари келиб туришди.

Зоҳидни бемеҳрликда айблаш ноўрин. «Вақти йўқ», деб авайлаш ҳам жоиз эмас. Яратган эгам бандасига куну тун ҳисобидан йигирма тўрт соат вақт бериб қўйибди. Ақл билан, тадбир билан иш юритилса ҳар қандай юмуш учун вақт топмоқ мумкин. «Вақтим йўқ», демоқлик ношудларнинг байроғига ўчмас бўёқлар билан ёзилган бир шиордир. Шундай бўлса-да, Зоҳидни ношудликда айбламоқ ҳам инсофсизликдир. Унинг бу соҳадаги камчилигини балки эътиборсизликдан деб ҳисоблаш дурустдир. Шу эътиборсизлик оқибатида қайси бир юмуш биринчи, қайсиниси иккинчи... ўнинчи даражали эканини фарқламай қолади. Буни хасталик десак, бу касаллик билан оғриган биргина Зоҳид эмас. Зоҳиднинг-ку ота-онаси қишлоқда яшайди. Бориб-келиш учун камида ярим кун фурсат керак. Ота-онаси билан бир ҳовлида яшайдиганларга ҳам ана шу хасталик илашган бўлса нима дейсиз? Эрталаб ярим соатли уйқудан воз кечиб бозорчага чиқадиган, иккитагина иссиқ нону қаймоқ олиб келиб ота-онаси билан нонушта қиладиганлар кўпми? Балки шошиб туриб, чала-чулпа ювиниб, чойини апил-тапил ичиб «ойи, мен кетдим, кеч қоляпман!» деб ота-онасининг дуосини кутишга ҳам тоқат қилмай чиқиб кетадиганлар кўпроқдир? Ёки ишдан келиб, тайёр таомни еб, сўнг чўзилиб ётиб телевизор томоша қиладиган ёки кўчага чиқиб қўшнилари билан ярим тунга қадар нарди ташлайдиганлар озмикин? «Болам билан бир озгина гаплашай», деган илинждаги ота-онани ўйламайдиганлар йўқми? Айни шу кун, айни шу соатда ота-онаси билан сўнг-ги учрашув бўлиши мумкинлигини кўпчилик ўйламайди...

...Эртага барвақт ҳам турар, бозорчага чиқиб қаймоқ ҳам олиб келар... унда шу қаймоқни тотиб кўрувчи меҳрибонлари бу дунёда бўлмайди...

...Эртага «Ойижон, дуо қилинг, хизматимга эсон-омон бориб келайин, Тангри мени ярлақасин!» дегиси келар, аммо дуогўй бу дамда боқий дунёда бўлади.

...Эртага ишдан қайтгач, суҳбатлашиб ўтиргиси келар, бироқ унинг гапларини жон қулоғи билан тингловчи, ютуғидан мамнун бўлувчи, омадсизлигидан ташвишланувчи меҳр эгаларининг кўзу қулоқларига тупроқ тўкилган бўлади...

Орадан йиллар ўтар, умр ўтар, ота-онасининг ёшига етар, чойини чала-чулпа ичиб ишга шошилаётган фарзанди изидан мўлтиллаб ҳам қолар...

Йўқ, Зоҳид бу тоифадан эмас. Қишлоғига борганида кўчага кам чиқади. Акаси ўлдирилганидан сўнг бу ердагилар билан борди-келди қилишни истамай қолган. Барчадан баравар нафратланмаса ҳам, кўчага чиққанида ё қотилларнинг ўзига, ё дўстига ёки қариндошига дуч келиб ғазаби қўзғайди. Шу сабабли ҳам то-морқадан чиқмасликка ҳаракат қилади.

Ўзини бемеҳр фарзандлар қаторига қўшмайдиган Зоҳид Моштабибнинг ҳозирги гапидан сўнг ўзини айни шу тоифада кўриб, эзилди. Оғир гуноҳини бўйнига олган тавбагўй сингари синиқ овозда:
— Дадамнинг йиқилганларига тўрт кун бўлибди... Мен кеча эшитдим... — деди.

Табиб Зоҳиднинг нима демоқчи эканини англа- ди-ю, унга бир қараб олиб тасалли берди:
— Тўрт кундан кейин билсангиз нима бўпти? Бунга сиз айбдор эмассиз. Оталар табиатан шунақа бўлишади. Фарзандларини аяшади. Ўзлари азоб чекишса ҳам болаларини безовта қилгилари келмайди. Ҳозир бориб эшитасиз: қиблагоҳингиз «ўғлимизга хабар берайлик», деганлар. Адангиз эса қайсарлик билан «Қўй, уни овора қилма, анча тузукман, ҳозир», деб унамаганлар. Тўрт кун шу машмаша билан ўтган. Сизга хабар юборилганини адангиз билмасалар ҳам керак. Ҳозир борсангиз «Қаердан эшитдинг?» деб ҳайрон бўладилар.

Табиб шундай деб кулди.

«Ҳа, менинг дадам шунақалар, — деб ўйлади Зоҳид.— Мўъминликни баъзан ҳаддан ошириб юборадилар.»

Зоҳидни яхши танийдиганлар «отасига ўхшаган мўъмин-қобил бола», дейдилар. Зоҳид бу таърифни инкор этмайди. Баъзан ҳазиллашиб «ювошлигим дадамдан, жаҳлим чиққанида аямга ўхшаб қоламан», дерди. Чиндан ҳам аяси дадасига нисбатан гапга чечанроқ, қўполроқ тарзда айтилса, бетга чопарроқ эди. Инсон-га доир фазилату кам-кўстлар улашилганида дадаси ювошликдан мўлгина баҳраманд бўлиб, қайсарлик, шарттакилик каби одатларни пештахта устида унутиб қолдиргану аяси эса «Эримга тааллуқли бу «фазилат»ларни увол қилмайин», деб ўзига қўшиб ола қолган эди. Зоҳиднинг кичик синглиси туғилган дамларда қўшни «ҳовлингизни узунасига бўлингу менга сотинг. Пулига болаларингизни катта қилиб оласиз», деб авраса, дадаси кўнибди. Ҳовли ўртасига қозиқ қоқилаётганда гап нимада эканини билиб қолган аяси норозилигини «қорнинг тешилгур бой» деган лутф билан бошлагач, қоқилган қозиқлар ҳам жойида қолаверди. Аяси ўша куни заҳрининг ҳаммасини қўшнисига сочмади. Эрига ҳам озгина олиб қолди. Хотинининг одатини яхши билган эр заҳар косаси бўшагунича тоқат қилди, охиридаги жавоби эса жуда қисқа бўлди: «Ер талашма, хотин, битта одамга икки қулоч ер етарли». Зоҳид бу гапнинг маъносини улғайганида англади.

Табиб тўғри айтади: дадаси уни авайлайди. Зоҳид отасининг бу одатини билар, «фақат менинг дадамгина меҳрибонлар» деб ҳам ўйларди. «Деярли барча ота-она фарзандига шу қадар меҳрибон, мана, ҳатто кўзингизга ажалнинг ўқидай кўринувчи Асадбек ҳам фарзандларининг тақдиридан қайғуриб Москвада юрибди», деб кўрингчи, сиз билан муроса қила олармикин?

Бир оз жим юришгач, табиб ундан:
— Ота-онангизга қараб ҳеч «уф» деганмисиз? — деб сўраб қолди.

Зоҳид кутилмаган бу саволдан ажабланди:
— Очиғини айтсам... эсимда йўқ, — деди иккиланган тарзда.
— Ҳа, эсимизда бўлмайди, — деди табиб жиддий оҳангда. Бир гаплари ёки буюрган ишлари ёқмай «уф» деб қўямиз баъзида. Ота-онасининг ўлимини кутадиганлар олдида бу арзирли нарса эмасга ўхшайди. Қариганда одам инжиқ бўлиб қолади. Бир куни соғ бўлса, уч куни беморликда ўтади. Ҳатто ҳозиргина овқат егани, қорни тўқлиги ҳам ёдидан кўтарилиб «очман» деб нолийди. Ақлсиз фарзандлар шунисига чидашолмайди. Ақлсиз деганимнинг сабаби: қари ота-онага яхшими-ёмон қараш — Оллоҳнинг улуғ бир синови. Балки эшитгандирсиз, ривоятга кўра бир одам қари отасидан безиб, қопга солибди-да, «дашту биёбонга ташлаб келаман», деб йўлга отланибди. Чарчаб, дам олишга тўхтаганда қоп ичидаги отаси нуқул кулармиш. «Ота, мен сизни бўриларга ем қилиш учун олиб кетяпман, нега куляпсиз?» деб сўрабди ўғил. Шунда отаси «Менам отамни қопга солиб олиб кетаётганимда айни шу ерда тўхтаб, дам олган эдим, ўғлим», дебди. Ривоятнинг қисқалигини қарангу чуқур маъносига эътибор беринг.
— Ҳа, — деди Зоҳид, — Ривоят эмас, ҳақиқатга яқин гапга ўхшайди. Болалигимда аям шунга ўхшаган чўпчак айтиб берардилар. Бир оилада қари отага яхши қарашмас экан. Ўзлари чинни косаларда таом ичишса қари отага эски, ёғоч косада овқат беришаркан. Бир куни кичкина ўғилтой ёғоч ўяётганмиш. «Нима қиляпсан?» деб сўрашса, бола «сизларга коса ўйяпман, қариганингларда шу косада сизларга овқат бераман», деб жавоб берган экан.
— Яхши, яхши, буни эшитмаган эканман, — деди табиб.
— Аям буни кўп марта айтганлар. Ўшанда бошқа чўпчакни билмас эканлар, деб ўйлабман.
— Аянгиз доно эканлар. Бу ҳақиқатни миянгизга сингдирганлар. Ота-онага бемеҳр фарзанддан Оллоҳ ҳам рози бўлмайди. — Табиб гапининг давомида араб тилида нимадир деди. Кейин Зоҳидга бир қараб олди: — Тушунмагандирсиз? Мен Қуръони каримдан оятлар ўқидим. Оллоҳ таборак ва таоло айтяптики: «Роббинг фақат унинг ўзигагина ибодат қилишингни ва ота-онага яхшилик қилмоғингни амр этди. Агар ҳузурингда уларнинг бирлари ёки икковлари ҳам кексаликка етсалар, бас, уларга «уфф» дема, уларга озор берма ва уларга яхши сўз айт. Иковларига меҳрибонлик ила хокисорлик қанотингни пастлат ва «Роббим, алар мени кичикликда тарбия қилганларидек, уларга раҳм қилгин», деб айт». — Табиб «шуларни билармидингиз?» деган маънода Зоҳидга қараб олди.

Кўп қатори Зоҳид ҳам Тангрининг каломларида нималар баён этилганини билмас эди. Унинг назарида бу илоҳий китобдаги сатрлар инсон онги қабул қила олмайдиган, фаҳм этолмайдиган, фақат айрим зукко одамларгина тушуниши мумкин бўлган даражада мураккаб эди. У Қуръонни билувчи одамнинг суҳбатидан баҳраманд бўлмагани сабабли ҳам адаш фикрда юрарди. Болалигида бобоси «қани, дўнгпешоналар, бери келларинг-чи», деб чорлаб айтиб берувчи ривоятлар, насиҳатлар ўзининг гапларимиди ё Қуръон оятларими ёки ҳадиси шарифлардан мисолмиди — Зоҳид у пайтларда фарқлай олмасди. Ёши улғайгач эса, буларни фарқлаб олишга ҳаракат ҳам қилмади. Ўзича адолат учун курашаман, адолат аламбардори бўламан, деб умид қилди-ю, ҳақ йўли бу томонда эканидан хабарсиз қолаверди. Ботировни тергов қилаётганида унинг учун қо-ронғу бўлмиш бу йўл бошида бир учқун кўринди-ю, аммо ёритишга қурби етмади. Зоҳид «Қуръон — мўъминлар учун насиҳат, кофирлар учун ҳасрат», деган ояти каримани аввалроқ эшитганда бу муқаддас китобга бўлган муносабатининг ўзгариши шубҳасиз эди.

Талабалик йиллари ётоқхонасида Саша Климович деган ён қўшниси бўларди. Ҳуқуққа доир ҳар қандай китобни таҳлил қилиб, кутилмаган хулоса чиқаришга уста бўлган бу йигит паловни, тандирда ёпилган пиёзли нонни яхши кўрарди. Зоҳид якшанба оқшомида қишлоғидан қайтиши билан Климович ҳеч бир таклифсиз, манзиратсиз кириб келиб, қорни тўйгунига қадар меҳмон бўларди. Зоҳидга унинг мантиқли суҳбатлари ёқарди. Меҳмондорчилик сўнгида Климович ўзича дуо қилгандек бўлиб «Худо бизга соғлиқни берса бас, қолганини сотиб олаверамиз», деб куларди. Бу одатини ҳеч тарк этмасди.

Бир якшанбада Климовичдан дарак бўлмагач, Зоҳид ажабланиб унинг эшигини тақиллатди. «Марҳамат, эшик очиқ», деган таклифни эшитгач, ичкари кирди. Ёзув столига мук тушган Климович қалин китобдан ниманидир кўчирарди. У ёзаётган сатрини охирига етказгач, бош кўтариб қаради-ю, сал ажабланган равишда жилмайди.
— Ие, келдингми? Вақт ўтганини сезмай қолибман. Қара, қандай китоб топдим. Қуръон! Саблуков таржимасида!

Зоҳид Саблуковнинг номини ҳам, унинг таржимасидаги қуръон маънолари китобини ҳам энди эши-таётганини яшириш учун «Зўр-ку», деб қўя қолди.
— Зўрки, у ёқ бу ёғи йўқ. Бу китобнинг чиққанига юз йил бўлган. Қуръоннинг русчага таржима қилинган бошқа нусхалари ҳам бор. Аммо Саблуковники энг зўри ҳисобланади. Ўзбекчаси борми?

Зоҳид бу саволдан довдираб, елка қисиб қўя қолди.
— Мен ўзбекчаси борлигини эшитмаганман. Нега таржима қилишмайди, а? Қизиқ! Дунёдаги ҳамма тилларга таржима қилинган-ку? Отамнинг кутубхонасида немис, инглиз нусхаларини ҳам кўрганман.
— Ўқияпсанми ё кўчиряпсанми? — деб сўради Зоҳид қалин дафтарга ишора қилиб.
— Ўқиб чиқдим. Энди кўчиряпман. Кўчириб ёзганда эсда яхшироқ қолади. «Таврот» билан «Инжил»ни кўчириб бўлганман. Ҳа, нимага оғзингни очиб турибсан? Бу ишим сенга ёқмади шекилли? Климович аҳмоқ эмас, бу ишни бекорга қилмайди. Сен билан мен атеистмиз. Худони тан олмаймиз. Бу китоблар илоҳий эмас, одам онгининг маҳсули деймиз. Хўп, бу масалаларда Климович баҳслашмайди. Бироқ, бир нарсага аниқ жавоб талаб қилади: дунё одамлари Тавротга уч минг, Инжилга икки минг, Қуръонга бир минг тўрт юз йилдан бери яшамоқнинг асосий қонуни сифатида амал қилиб келяптилар. Сен билан мен эртага одамларнинг тақдирини ҳал қиламиз. Улар фақат бизнинг қонунларимиз асосида яшамайдилар. Демак, биз буларни билишимиз керак. — Климович фалсафасининг Зоҳидга таъсир этмаётганини сезди-ю, гапни бура қолди: — Палов олиб келдингми? Климович ҳам одам, вақти-вақти билан овқатланиб туриши шарт.

Климович илмий ишга рағбат билдириб, ўқишни аспирантурада давом эттирди. Зоҳид киссавурларнинг изига тушиб, овлоқларда уларнинг йўлини пойлаб тонг оттирган кезлари Климович илм билан банд бўлди. Уч йилга қолмай номзодлик диссертатсиясини ёқладию Исроилга отланди. Ҳар қалай индамасдан кетмади. Палов, пиёзли нон билан сийлаб турган қўшнисини қидириб келди. «Ҳар бир онгли инсон ўзининг тарихий Ватанида яшаши керак». Климович бу қонунга амал қилади, — деб қалин дафтар тутқазди. — Эсингдами, Саблуковнинг таржимасини кўчирган эдим. Бу сенга, эсдалик. Сен буни ўқи, тушуниб ўқи. Климович ўқиб зарар кўрмади.

Шундай деб хайрлашди. Зоҳид Одессада туғилган, ёшлик йиллари Ўзбекистонда ўтган дўстининг тарихий Ватани қаер эканини ундан хат олганидан кейин билди.

Зоҳид ўша кезлари дафтарни варақлаб бир-икки бет ўқиган бўлди-ю, битхат билан битилган саҳифаларга кўз ташлашга тоқати етмади. Дафтарни ўқилмай ётган китоблари устига қўйганича қайта қўл урмади.

Ҳозир табибдан барча учун аниқ, тушунарли бўлган ояти каримани эшитиб, ўша дафтарни эслади. «Ўқиб қўйсам бўларкан», деб ўзига дашном берди.
— Бу ояти каримани фақат сиз учун айтмадим, — деди табиб йўлдан кўз узмай. — Кўп жойларда кўп такрорлайман. Ҳаммамиз бандамиз. Унутиб қўйиш иллатимиз бор. Унутиб қўймаслик учун такрорлаб туришимиз жоиз.

Табиб бу изоҳи билан Зоҳиднинг руҳиятидаги оғир юкни енгиллатди. Бир оз юришгач, Зоҳид суҳбатни давом эттириш мақсадида:
— Табиб ака, ҳали охират ороли ҳақида гапирганингизда «дарахт экдингиз» деб бирликда айтдингиз. «Дарахт экмадикми»? Сизнинг ишингиз ҳам хайирли-ку?

Моштабиб кулиб, унга бир қараб олди:
— Тўғри, лекин ишим хайрлилик мартабасига етиб, охират оролида хайрли ниҳол бўлиб кўкариши учун адангиз аввал шифо топишлари керак. Мен тузатувчи эмасман. Шифо берувчи — Оллоҳ. Агар Оллоҳ ирода қилган бўлса, мен бир сабабчиман. Энг муҳими — менинг хизматимдан сизлар рози бўлсаларингиз ниҳол амал олади. Бўлмаса йўқ.

Табиб янглишмаган эди. Зоҳид уйга кириб келиши билан отаси «ие, сен қаердан эшитдинг?» деб ажабланди.

Отаси хона тўридаги қалин тўшак устида ўтирарди. Ётишга қийналгани учун девор томонга устма-уст қўйилган ёстиқларга суяниб олган эди. Бу ҳолати ҳам жонига ором бера олмаётгани сабабли безовта равишда тез-тез қимирлаб қўярди. Унинг рўпарасида деразага орқа қилиб ўтирган ота қадрдон — Улоқчи бува жойидан жилмай, қўл узатиб кўришди. Зоҳид уни «ота қадрдон», деб билса-да, у одам бу мартабага қаноат қилмай, «Мен буванг билан ҳам самоворхонада ошхўрлик қилганман», деб «бува қадрдон»лик даражасини талаб қиларди. Гапу муомаласи ҳам шунга яраша эди. Отасининг «Сен қаердан эшитдинг?» деган саволига Улоқчи бува жавоб қайтарди:
— Ўғлингга мен одам юборувдим. Милиса бўлса, идорасида милиса. Бу ерда сенга ўғил, бошқа гап йўқ. Ўғил бўлганидан кейин ўғиллигини қилсин. Уч-тўрт кун ишга бормаса дунёни ўғри босиб кетмайди. Ўғри жониворлар ҳам баҳонада дам олволишади. Ҳов милиса, яна икки бармоғингни бурнингга тиқиб келавердингми?

Зоҳид бу дашномдан изза чекиб, жавоб бера олмади. Йўлдаги бозорчага яқинлашганда табибдан «бир пас тўхтанг, мен нон-пон олволай» демоқчи бўлди-да, «илтимосим малол келиб, пешонаси тиришмасин, ҳали жиянни чиқарарман», деган фикрда ўтиб келаверган эди.

Улоқчи бува айни дамда уни бунинг учун ғадабламаганди. Зоҳид ўзини оқлаш мақсадида гап излаётганида, уни бу оғир юмишдан қутқариб, ниятини очиқ айта қолди:
— Мен сенинг афти-ангорингга зор бўлиб чақиртирмадим. Жиянинг бориб нима деди? «Моштабибни топиб келаркансиз» демадими?

Бу пўписадан сўнг Зоҳид сал енгил тортди. Бироқ, хижолатликдан буткул қутилмаган тарзда табибга қаради. Қўл қовуштириб турган табиб «изза чекманг, шунақаси ҳам бўлиб туради», деган маънода кулимсираб қўйди.
— Улоқчи бува, ўтирсак майлими? — деди Зоҳид ҳам илтимос, ҳам киноя оҳангида.
— Ўтириб нима қиласан? Сен изингга қайтиб, Моштабибни ернинг тагидан бўлса ҳам топиб кел. Бошқа гап йўқ. Қара, отанг азоб чекяпти. Сен томоша қилиб ўтирганинг билан енгиллаб қолмайди.

Зоҳид болалигида «амаки» деганида самоворхонада буваси билан ошхўрлик қилган бу одам «бува» дейишни талаб қилган эди. Ҳозир Зоҳид шу талабга амал қилган ҳолда:
— Буважон, — деди меҳрибон набира овози билан,— мен сизнинг гапингизни ҳеч икки қилганманми? Моштабиб келдилар.
— Қани? — Улоқчи бува орқасига ўгирилиб, дераза оша ҳовлига қаради.
— Тақсир, хизматингиздамиз, — деди Моштабиб кулимсираган ҳолда.
— Сенмисан? — Улоқчи бува унга тикилиб қарагач, бош чайқади. — Сенлар бориб Моштабибни кўрмаган бошқа одамни лақиллатларинг. Моштабиб менинг синган белимни жойига солиб қўйган. Мен уни кўз-ларимни юмиб туриб ҳам танийман. Сенинг отинг нима?
— Абдужаббор, тақсир.
— Ҳа, ана, отинг ҳам бошқача. Моштабибнинг оти... — Улоқчи бува бир оз ўйланди. — Зокир қори эди.
— Сал адашдингизмикин, Собир қори эмасмиди?
— Ҳа, ҳа! Собир қори! Танийсанми уни?
— У зот менинг дадамлар.
— Йўғ-э, — Улоқчи бува унга яна тикилди. — Ҳа, ўхшайсан. Қани отанг, нега ўзи келмади?
— Тақсир... дадамиз дунёдан ўтганлар.
— Ие, шунақами? Сен тузукроқ ўрганиб қолганмисан ишқилиб?

Улоқчи буванинг бу гапларидан Зоҳид хижолат бўлди. Табиб эса малол олмай жавоб берди:
— Худо юқтирган даражада, тақсир.
— Унда қараб қўй, чойни кейин ичаверасан.
— Хўп бўлади, тақсир.
— Ҳой, сен бунча мени «тақсир»лаб қолдинг. Мен сенга мулла эмасман. Тақсир дема. Мен чавандозман!

Табиб кўксига қўлини қўйиб «хўп» ишорасини қилди-да, беморга яқинлашди. Зоҳид унинг тирсакка қўл юборганини кўрди-ю, нима қилганини сезмай қолди. Қулоғига «қирс» этган овоз урилиб, сесканди. Отаси бир «оҳ» деб қўйди. Табиб «Яна буюринг, тақсир» дегандай Улоқчи бувага қаради:
— Нима бўлди? — деди Улоқчи бува.
— Тирсаклари ҳам чиққан экан, солиб қўйдим.
— Бўлдими?
— Йўқ, бўлмади.
— Яна нима қилиш керак?
— Гипс нотўғри солинибди, — Табиб шундай деб беморга ўгирилиб сўради: — Қўлтиқларингиз тортиб оғрияптими?

Бемор тасдиқ ишорасини қилгач, табиб Зоҳидга «нима қиламиз?» деган маънода қаради.
— Дўхтирга олиб бориб айтиш керак. Рентген қоғозга яхшироқ қарасин.
— Моштабибнинг ўғли бўлсанг ўзинг тузатасан, бошқа гап йўқ. Гипс қўйишни билмайдиган дўхтирингга бошқа бормайди.
— Агар розилик берсангиз уриниб кўраман.

Ўзга чора бўлмагач, нима қилишсин? Гипс олингач, табибнинг бармоқлари елкани силаб бориб бир нуқтани қаттиқроқ босди. Бемор инграб юборгач, Улоқчи бува чўккалаб олиб, табибнинг ҳаракатларини диққат билан кузатди. Зоҳид буюрилган нарсаларни келтиргач, табиб Улоқчи бувага юзланди:
— Энди менга кўмаклашиб юборадилар. Соғ елкаларини маҳкам ушлаб турадилар. — Улоқчи бува табибнинг амрига бўйсуниб, унга яқинлашгач, Моштабиб бир боғлам докани олди: — Амаки, шуни маҳкам тишланг. Озгина оғриқ бўлади, чидайсиз.
— Бақирмасин, деб тишлатяпсанми? Қўй бунингни, ошнам чидамли бола, унча-бунча дард бақиртиролмайди. Отанг ҳам менга дока тишлатмаган.

Бу аралашув табибга ёқмай, қошлари чимирилди. «Бунингиз қанақа одам ўзи?» дегандай Зоҳидга қараб олди. Изоҳ беришни ёқтирмаса ҳам ёқимсиз ёрдамчисини тинчитиш учун:
— Бехосдан тилни тишлаб олишлари мумкин, — деб қўйди-да, ишга киришди. Табиб чаққон ҳаракатлари билан бир неча нафасда муолажани якунига етказган бўлса-да, отасининг азобланаётганини кўриб турган Зоҳид учун бу фурсат жуда узоқ туюлди. Елка боғлаб бўлингач, табиб беморнинг пешонасидаги терни артди-да, кўз қорачиғига тикилди. Сўнг яна қилинажак ишларни Зоҳидга тайинлаб, қутичадаги малҳамни бергач, қайтишга чоғланди.
— Отангга балли, қўлинг енгил экан, ошнамнинг кўзларини мошдек очиб қўйдинг. Энди биз билан бир пиёла чой ич. Бошқа гап йўқ, — деди Улоқчи бува амр оҳангида.

Моштабиб уйда онаси бетоб эканини, хасталар келиб кутаётган бўлиши мумкинлигини бу одамга айтишнинг фойдасизлигини англагани учун «бир пиёла чой ичишга» ўтирди. Улоқчи бува эса чой қайтараётган Зоҳидга қараб:
— Менга қара, милиса бола, — деди, — сен менга бир нарсани тушунтириб бер: уч-тўрт йил бурун раисимизни пахтадан ўғирлик қилган, деб қамовдиларинг.
— Мен қамамаганман, адашманг, бува, — деди Зоҳид, табибга чой узата туриб.
— Сен бўлмасанг, ошналаринг қамашган. Лекин тўғри қамовдиларинг, ўғрилиги бор эди. Энди замон ўзгариб, чиқарибсанлар. Энди... нима энди... — Улоқчи бува ўйланди, — Ивановмиди? Яна биттаси ким эди?
— Гдлянми? — деди Зоҳид.
— Ҳа, ўша. Хулласи, энди ўшалар муттаҳам экан. Қайси бири тўғри?
— Ҳамма нарсанинг охири тўғри бўлади-да.
— Сен милиса, мени лақиллатма. Ҳалиги Эшим аканг бор-ку, мактабингга директор бўлган, ўшанга айтсам, «Сиз раиснинг бойлигини кўролмайсиз», дейди занғар. Мени биласан-а, «оқмаса ҳам сой яхши, боқмаса ҳам бой яхши», дейдиган одамман. Мана, Абдужаббор, сен айт: отанг қори эди, а? Сенга ҳам юқтиргандир бу илмдан? Бу қизиғарларнинг ҳаммаси бой бўламан, деб интилади. Шу раисимиз қамоқдан чиқиб тинч юрармиди? Бурнига сув кирган деб ўйлайсанми? Бе, у яна амалини қайтариб олишга уринади. Ҳа, бош-қа гап йўқ! Энди сен гапир-чи, Абдужаббор.

Табиб унга дарров жавоб қилгиси келмадими, чойдаги шаманинг оҳиста сузишини кузатгандай тикилиб турди.
— Одамнинг бу дунёда бой бўлиши қийинмас, — деди у ўйчан тарзда. — Бойнинг у дунёдаги жавоби мушкул. Камбағалдан қай даражада сабр қилгани, қанчалар шукрона айтгани сўраларкан. Бой эса бунга қўшимча равишда қандай топгани, нимага сарф этгани, закотни тўла берган ё бермаганлигидан сўраларкан.

Улоқчи бува бу гапдан таъсирланиб «ана!» деб хитоб қилди-да, тиззасига бир шапати тушириб «гапиравер, қорининг ўғли!» дегандай унга янада қаттиқроқ тикилди. Моштабиб шошаётган бўлса ҳам буларга бир нима деб қўйишга эҳтиёж сезди:
— Тарихимизда улуғ донолар кўп ибратли гапларни айтиб кетишган. Шулардан бири дейдики, ақлли одам ўзига нисбатан талабчан бўлади-ю, бошқалардан ҳеч нима истамайди. У ўзининг тақдиридан ҳамиша рози, ҳеч маҳал нолимайди. Ўзининг қисмати учун бошқаларни айбламайди. Тақдирига тан бериб хокисор бўлиб яшайверади. Нодон эса дунё неъматларига берилиб, жонини хатарга қўяди. Агар ўқ нишонга тегмаса, ақлли мерган бошқани эмас, ўзини айблар экан. Донишманд ҳам шундай бўларкан.

Улоқчи бува энди бошини қуйи эгганича сеҳрли ашула эшитаётгандай тебранди. Моштабибга унинг бу ҳолати таъсир этиб гапини давом этди:
— Иккинчи донишманд дейдики, бирон бир аёл эришган жавоҳири туфайли яхшироқ бўлиб қолган, деб ўйлайсизми? Ҳолбуки, қанчадан қанча аёл жав-ҳарга етмоқ йўлида бузилди экан, бахтсиз бўлиб қолди экан? Қайси бир эркак тилла тўла сандиққа етишиб яхшироқ бўлибди? Сандиқларни тўлатиш йўлида қилинган зулм миқдорини ким ўлчайди экан?

Бу ҳикматларни жон қулоғи билан тинглаётган Улоқчи бува ҳиссиётлари тизгинини қўйиб юбора қолди:
— Қойилман, ота ўғил! Нақ отангнинг ўзи бўлибсан, бошқа гап йўқ! — деб хитоб қилгач, Моштабиб қайтишга изн сўради. Маставага гуруч солингани ҳақи-даги хушхабар кирганига қарамай аҳдида қаттиқ ту-риб олгач, ноилож рухсат беришди. Зоҳид қоларини ҳам, кетишини ҳам билмай Улоқчи бувага қараган эди, у:
— Сенинг ишинг битди, кетавер, бу ёғига биз бормиз, — деб мушкулни осон этди.

Қишлоқдан чиқаверишда Моштабиб Зоҳидга қараб олиб:
— Бир гап айтайми? — деди-да, Зоҳид томонидан ижозат бўлишини кутмаёқ гапини давом эттирди: — Сиз бугун икки марта хижолат чекдингиз. Биринчи- си — сиз менга рўпара бўлишдан уялдингиз. Олти-этти йил аввал кўчамизда турганларингиз эсингизга тушиб кетди.

Зоҳид бу гапни эшитиб, унга ялт этиб қаради:
— Таниганмидингиз?
— Бўлмасам-чи! Бир ҳафта уйимизни пойлайсизу танимайманми? Сиз бу ишдан уялманг, биродар. Милиса шеригингиз менга айтган. Ўшанда талаба экансиз, а? Омма-лекин, — табиб роҳатланиб кулди: — тўрт тийинликка роса тўйдирганмиди?
— Буни ҳам кўрувдингизми?
— Кўргандаки... Нега фақат тўрт тийинлик сомса билан сийлади, биласизми? Йўқ, билмайсиз. У инсоф юзасидан шундай қиларди. Инсоф деганимки, у шу атрофга ўзини хўжайин деб билиб сотилаётган нарсалардан текинга олаверарди. Йигирма тийинлик тандир сомсадан олса гуноҳим кўпаяди, деб қўрқиб арзонини шилаверарди.
— Мен у кишини ўшандан кейин кўрмадим.
— У милисадан кетган. Ҳозир мактабда қоровуллик қилади. Энди иккинчи хижолатингизни айтайми? Адангизнинг биродарлари сал шалдир-шулдирроқ экан. «Табибнинг жаҳли чиқади», деб ўйладингизми? Бе, биз бундан баттарларига ҳам дуч келамиз. Лекин очиқ чеҳрамизни ўзгартирмаймиз. Беморнинг ҳузурида пешонамизни тириштирсак ярашмайди. Сиз бунақа нарсалардан эмас, адолатсиз бир иш қилишдан хижолат бўлинг. Бировнинг кўнглини ножоиз оғритиб қўйишдан уялинг. Фақат ақлли одамгина ўзининг номаъқул ишидан уялиши мумкин. Аҳмоқ одамда уят бўлмайди. Балки уяти бўлмагани учун аҳмоқдир, а? Нима дейсиз?

Тўғри гапга Зоҳид нима дерди? Табибнинг гапини тасдиқ этгач, кўпдан бери жавобини тополмаётган бир саволни берди:
— Табиб ака, кўп одам адолатдан гапиради. Мана, сиз ҳам тилга оляпсиз. Назаримда адолатли бўлиш дам жуда оғир, дам жуда енгил ишга ўхшаб кўринади. Адолатсиз бўлиш осонми ёки адолатли бўлиш қийинми? Менингча адолат билан адолатсизлик ўртасида жуда катта майдон эмас, кичкинагина ариқча бор. Адолат соҳилидан ноинсофлик қирғоғига сакраб ўтиш осонга ўхшайди. Нега шунақа? Диндан яхши хабарингиз бор экан, шунинг учун сиздан сўраяпман бу саволни: Худо одамларнинг ҳаммасини бир хилда адолатли, бир хилда меҳр-муҳаббатли қилиб яратса бўлмасмиди?
— Оллоҳ таборак ва таоло лозим топмабдики, шундай қилмабди. Хўш, нега энди лозим топмабди экан?
— Шуни сўраяпман-да, — деди Зоҳид, ундан бамаъни жавоб кутиб.
— Бу дунё қандай дунё, биласизми?
— Ўткинчими? Шоирлар фоний дунё дейишади-ку?
— Шоирларнинг гапи эмас бу. Асли ўзи шундай. Лекин фонийлигини бир ҳақиқат десак, иккинчи ҳақиқати — бу дунё синов дунёси. Ҳазрат Румийда бир байт бор, айтайми?
— Айтинг.
— Румий ҳазрат дебдиларки:

«Ҳар касе ки дур монд аз асли хеш,

Боз жўяд рўзғори васли хеш.»

Моштабиб байтни мароқ билан ўқиб, роҳатланди. Йўлдан кўзларини узиб, Зоҳидга тезгина қараб олгач, гапини давом эттирди:
— Бунинг маъноси: «ҳар кишики ўзининг аслидан узоқ қолса, ўша ўтган тирикчилик васлини такрор истайди.» Бу сизга оддий гап бўлиб туюлмаяптими?

Табиб гапга берилиб машинани секинлатганини ўзи ҳам сезмади. Орқадагилар асабийлашиб сигнал чала бошлашгач, рўпарасидаги кўзгу орқали уларга қараб кулимсираб қўйди-да, машинани ўнгроққа олиб:
— Ўта қолинг, биродар, шошаётганга ўхшайсиз. Ишқилиб йўлингиз бехатар бўлсин, — деди. Сўнг фикрини давом эттирди: — Румий ҳазратларининг ҳар бир сўзлари жавҳардир. Жавҳарни олиш учун денгизнинг туб-тубига шўнғиш керак, садафни топиш керак, очиш керак. Ҳозир эшитганингизни уламолар бундай изоҳлашади: «Башар фарзандининг асли нима? Асли албатта, руҳоний олами. Дунё эса имтиҳон саҳнаси. Баъзилар инсон вақтинча қоладиган бир маҳбас, яъни зиндон ҳам дейдилар. Демак, маҳбас ва завол маҳали ҳисобланган бу дунёда бир кимсанинг ўз шаҳри-ватанидан айрилиб, ҳижрон ва ғурбатга гирифтор бўлгач, ўз киндик қони тўкилган тупроқни орзу этиши аниқ нарсадир. Бу дегани, ақлли одам асл ватани — руҳоният оламини орзу қилади. Ақлли одам дунёда вақтинчалик қолиш учун амр этилганини, ваъда қилинган ажал келгунига қадар заруриятда яшаётганини билади. Билса, демак, умрини яхшилик билан ўтказишга интилади. Мавлононинг байтларидаги маъно жавҳари шу. Тушундингизми?
— Сал-пал.
— Ҳозирча шу «сал-пал» ҳам етарли. Аслида одамга бу дунёда кўп нарса керакмас. Ҳозир уйингизда мастава пишгандир, — табиб шундай деб кулимсиради. — Бойларнинг уйида ҳам пешинга таом тайёрланяпти. Бойнинг қорни ҳам, камбағалники ҳам бир хил. Одам учун кунда бир маҳал овқат, бир сидра кийим етарли. Қолгани — бекор. Ҳазрат Усмондан ривоят қилинишича, расуллилоҳ «дунёга аҳамият — қалбдаги зулмат; охиратга аҳамият — қалбдаги нурдир», деган эканлар. Сиз билан бизга яна дебдиларки: «Замон келур ва ўшанда умматларим бешта нарсани яхши кўриб, бешта нарсани унутар: яъниким, дунёга муҳаббат қўядилар ва охиратни унутадилар; ҳаётни севиб, ўлимни эсдан чиқарадилар; қасрларни яхши кўрадилар, қабрни унутадилар; молга муҳаббат қўйиб, ҳисоб-китобни ёддан чиқарадилар; халқни яхши кўрадилар ва Холиқни унутадилар.»

Моштабиб «Бу ҳикматларнинг маъносини қалбингизга сингдириб олишингиз учун фурсат бераман», дегандай сўздан тўхтади. Бу сукут Зоҳидга асқотди. У айрим издиҳомларда, баъзан ёши улуғларнинг суҳбатларида шунга ўхшаш ҳикматларни эшитиб қолар, бироқ, «Яхши гап экан», демоқликдан нарига ўтмасди. Кейинги йилларда матбуотда тез-тез чиқа бошлаган диний мавзудаги суҳбатларнинг асосан сарлавҳаларига кўз ташлаб, кам ҳолларда у ер-бу еридан чўқилаб ўқиб қўярди. Моштабибнинг ҳозирги суҳбати қоронғулик пардасидаги қалбига хуш ёқувчи нур каби оқиб кирди. Тасаввур этингким, зулмат оғушида тентираб юрган одамнинг рўпарасида бирданига ойдин йўл кўринса-ю, яна шу йўлдан жавҳар топиб олса дунё кўзларига қандай ҳузурбахш, қандай сурурли кўринаркин? Зоҳид айни дамда шундай бахтиёр одам каби эди. Кечагина бу одамга рўпара келиш унга азобли юмуш бўлиб туюлган эди. Одам фарзандлари моддий бойликни, хусусан емоқ-ичмоққа доир неъматларни Яратганнинг марҳамати сифатида қабул қилиб, шукроналар айтадилар. Маънолар хазинасини очиб бера олувчи суҳбатдан баҳраманд бўлиш ҳам Тангрининг мўъжизаси экани, шу мўъжиза туфайли қалб муҳрлари ечилмоғи амр этилгани, Яратганнинг бу раҳмати барчага ҳам насиб этавермаслигини ўйлаб кўрмайдилар.

Адолат боғини топиб, унга инсон ниҳолларини экиб кўкартириш, меҳр меваларидан баҳра олиш умидида яшаётган Зоҳид акасининг ўлимидан сўнг шу боғни топиш мақсадида неча-неча қоронғи кўчаларга кириб чиқди. «Ҳаммани бир хилда адолатли қилиб яратиб қўя қолса бўлмасмиди», деган хаёлга бориб Тангрининг ишларига ҳам аралашиб кўрди. Адолат боғига етиб бормоқ учун аввал зулм саҳросини бартараф этмоқ лозимлигини дуруст идрок қилолмасди. Ҳолбуки унинг кундалик юмуши шу саҳро атрофида эди. Илон овловчи саҳродаги илонларни тутиб адо этолмагани каби Зоҳиднинг ишларида ҳам самара кўринмади. Чунки у ва у каби адолат боғини қўмсаётганлар зулм саҳросидагиларнинг жон томирларини кўрмас, аниқроғи кўришга имконият берилмас эди. Ғофилликдан қутқарувчи танбеҳлардан бебаҳра бўлганликлари сабабли ҳам бу саҳро атрофида сарсари кезмоқдан бошқа иложлари йўқ эди.

Зоҳид кўп илмий назариялар, илмий таҳминлар, формулаларни биларди. Аммо ҳаётнинг оддий формуласидан етарли даражада хабардор эмасди: адолат боғи йўлини тўсиб турувчи зулм саҳросига зулмат қалблар ҳукмрон экани унинг учун номаълум эди. Моштабиб ҳозир айтган ҳикматлар унга шу ҳақиқатни аён этди. «Одамлар қалбидаги бойликка муҳаббат ҳиссини ўлдирмай туриб, адолат боғини барпо этиб бўлмайди», деган фикр унинг вужудини бир қалқитиб олди.

Акасининг ўлимидан, айниқса суд жараёнидан сўнг уни илм йўлидан буриб юборишга мажбур этган куч, ёшликка хос ўжарлик, ҳатто сурурга интилиш йил ўтгани сайин, ҳаёт сўқмоқларида қоқила бошлаганидан сўнг аста-аста кучдан қола бошлаган эди.

Бир суҳбатнинг ўзидаёқ ўша сурур маҳв этилди, деб ишонтириш нодонлик бўлар. Ёшликнинг меваси — мақсад ва унга маёқ ҳисобланмиш сурурнинг ўзга кўриниш олишига ҳали фурсат бор. «Ўзга кўриниш олишига» дейилуви бесабаб эмас: инсонлардаги мақсад ёки сурур ўлиб, бутунлай йўқ бўлиб кетмайди. Мақсадсиз, сурурсиз тирик жонни тасаввур этмоқ мушкул. Мақсад ҳам, сурур ҳам одамнинг онги даражасига қараб кучли ёки мундайроқ, хайрли ёки ғайирли бўлмоғи табиийдир. Одамдаги мақсад дарахти зулм саҳросида ўсаётган бўлса ундан нурли сурурни кутмоқ қорамойдан сут айириб олмоқни умид қилиш каби бемаъниликдир. Айрим дарахтларнинг тепа шохлари қуриб, пастда янги сурхчалар ўса бошлагани сингари мақсад ва сурур янги кўриниш касб этади. Зоҳиднинг тақдирида бу ўзгариш ҳам бор эди.

3

Улоқчи бува ижозат берса-да, Зоҳид табибни кузатгач, қишлоққа қайтмоқчи эди. Икки-уч кунга ижозат сўрамоқ ниятида идорасига бориб, юқоридан Саид Қодиров йўқлатганини эшитди-ю, шаштидан қайтди. «Бир ғалвага рўпара қилмаса эди», деган хаёлда таш-қарига чиққанида машинасидан тушиб келаётган раҳбарига дуч келди.
— Аҳвол қалай, Шокаримовнинг иши бўляпти- ми? — деб сўради раҳбар кўриша туриб, сўнг амр оҳангида илова қилди: — Тезлатинг, азизим, тез- латинг. Ҳозир яна эслатишди. Бугунча эслатишди, эртага танбеҳ беришади, индинга пўстагимизни қоқи-шади.

Раҳбар шундай дегач, Зоҳиднинг изоҳини кутмаёқ идорага кириб кетди. «Дадам отдан йиқилибдилар, рухсат беринг», деб сўрашига ҳожат ҳам қолмади.

Шамолнинг изғиринли нафасидан эти жунжикиб, қўнишиб олди.

Дераза қия очиб қўйилгани учун Саид Қодировнинг хонаси салқин эди. Хона соҳиби ўрнидан туриб Зоҳид билан сўрашгач, деразани ёпди-да, «Яна шамоллатиб қўймай», деб жилмайди. Кейин қайнатгични тўкка улар экан: «Соғинтириб қўйдингиз-ку?» деди.
— Юрибмиз, давлатингиз соясида, — деди Зоҳид киноясиз оҳангда.
— Сояда юрганингиз яхши. Силлангиз қуримайди. Бир қаҳва ичиб оламиз-а?
— Ақлни пешлаймизми?

Саид Қодиров «истеҳзо қиляптими?» деган маънода Зоҳидга қаради. Бу қарашга жавобан Зоҳид жилмайди. Киноя қилишга ундовчи асабий ҳолатдан ҳоли, гапи оҳанги ҳам самимий эди. Шу боис Саид Қодиров кулиб, пайровни давом эттираётган аскиячи каби жавоб қилди:
— Менинг устозим ҳеч маҳал янглишмаган: қаҳва ақлни пешлайди, деганми, демак, пешлайди. Қиздирилган пўлат сувга солинса тобланади-ку, тўғрими?
— Ғирт тўғри. Лекин қаҳва ичмаганларнинг ақли...
— Энди бу ёғига ўтманг, — деди Саид Қодиров, икки пиёлага бир қошиқдан қаҳва кукуни солар экан.— Янгиликлардан гапиринг. Маҳмуд Эҳсоновни эшитгандирсиз?
— Эшитдим.
— Хўш?

Зоҳид хона соҳибининг қарашидаги қувлик соясини илғаб, ўзини анқовлик пардаси ортига олиб, деди:
— Авария бўлганмишми? Кимдир айтувди, турклар «ароба қазоси» дейишар экан. Ароба қазосида қазо қилибди, бечора. Умри шунақа қисқа экан-да.
— Сизга бу қазо ғалати туюлмадими?
— Нимаси ғалати? Кунда бўлмаса ҳам кун оралаб, кун оралаб бўлмаса ҳам ҳафтадами, ойдами бир бўлиб турибди-ку, бунақа қазо?
— Ҳар ҳолда Асадбекнинг одамлари ҳафтада бир ўлмаётгандир? — Саид Қодиров шундай деб қайнатгични тўкдан узиб, шақиллаб қайнаб турган сувдан пиёлаларга қуйди-да, бирини Зоҳидга узатди: — Қантни ўзингиз солинг.

Қаҳва ичиб олингунча икковлари ҳам бир-бирларидан сўз ўқлари кутгандай индамасдан ўтиришди. Қаҳвасини биринчи бўлиб ичиб тугатган Саид Қодиров пиёласини стол четига қўйиб, қувлик қарашига хиёнат қилмаган тарзда меҳмонга тикилди:
— Дуруст, — деди у. — Анча ўзгарибсиз... Яхши томонга ўзгарибсиз. Шунақа бефарқлик ҳам баъзан касбимизда ҳусн саналади. Лекин... ўша қазонинг эртасига ҳам бефарқ қолаверганингизда янада яхши эди. Терговчига учрашишингиз ҳожатсиз эди.
— Мен атай бормадим. Терговчини тасодифан кўчада учратдим, — деди Зоҳид қаҳванинг сўнгги қултумини ютиб.

Зоҳид фожиани эшитгач, ўша кўчага борган эди. Аслида бу ишга аралашиш, суриштириш нияти йўқ эди. Машиналарнинг тўқнаш жойларини кўча харитасига белгилаётган терговчи билан икки оғизгина гаплашганди. Терговчи Зоҳидни танимагани учун шунчаки қизиқаётган йўловчилардан деб билиб, саволига қисқа равишда, тўнглик билан жавоб қилган эди. Терговчи ишини тугатиб, ёрдамчилари билан кетганидан сўнг ҳам Зоҳид атрофни кўздан кечириш мақсадида қолган эди. Хаёли машиналарнинг ҳаракати билан банд Зоҳид сал нарида бир жуфт кўзнинг таъқиб қилаётганидан бехабар эди. Асадбекнинг топшириғига кўра суриштиришга келган Ҳалимжон Зоҳиднинг кетишини кутиб турган, сўнг Саид Қодировга қўнғироқ қилиб огоҳ этган эди. Бундан бехабар Зоҳид «ўша терговчи таниган экан-да, дарров хабар етказибди-да», деб ўйлади.
— Бу бир тасодифий фожиа, милитсиянинг ўзи шуғулланаверсин, — деди Саид Қодиров маънодор оҳанг-да.
— Шунақа тасодифлар тез-тез бўлиб турса, бир-бирларини еб адо қиладилар. Бизга ҳам яхши, бошимиз оғримайди, — деди Зоҳид.
— Уларга ачинмайсизми? — Саид Қодировнинг бу саволидан Зоҳид таажжубланди.
— Ачинмайсизми? Нега ачинишим керак?
— Ҳар ҳолда улар ҳам одам. Бола-чақалари етим қолган, ахир.
— Улар бировларнинг шўрини қуритишганда ачинишганмикин?
— Демак... ачинмайсиз?
— Билмадим... балки етим қолган болаларига ачинарман.
— Болалари ҳам оталарининг ишларини давом эттиришса-чи?
— Давом эттиришса... ноилож, оталари борган жойга боришади-да.
— Қаҳрингиз қаттиқ экан.
— Бу ҳаётнинг қонунияти. Қаҳримнинг қаттиқ ё юмшоқлигига боғлиқ нарса эмас. Сиз «ачинмайсизми?» деб сўрадингиз, а? Тўғри, ким бўлса-бўлсин, ўлгандан кейин ачинишимиз керакка ўхшайди. Лекин мен бунга бошқачароқ муносабатдаман. Ўлим — ҳақ, шундайми? Одам бугунми ё эртами барибир омонатини топширади. Мен одамнинг ҚАЧОН эмас, ҚАНДАЙ ўлганига қараб ачиниш тарафдориман. Ҳайвондай умр кечириб, ҳайвондай ўлим топган одам ачинишимизга арзимайди. Аксинча, яхши одамнинг вафотидан кўнглимиз оғрийди. «Яна яшаса бўларди», деймиз.
— Ўша ёмон одам яна озгина яшаса яхши томонга ўзгарар балки?
— Мен бунақасини кўрмадим.
— Мен ҳам кўрмадим... ҳозирча. Хўп, Эҳсоновга ачинмабсиз, Шокаримовга-чи?
— Шокаримовгами? — Зоҳид «бундан ҳам хабарлари бор экан-да, а?» деган маънода ҳамсуҳбатига қараб олди-да, уч-тўрт нафас сукут сақлагач, жавоб бер- ди: — Йўқ, мутлақо ачинмайман. Яна «нима учун?» деб сўрарсиз?
— Сўрасам ҳам бўлади. Истасангиз айтинг, истамасангиз йўқ.
— Ҳар ҳолда бекорга сўрамагандирсиз. Балки бу «иш» ҳам назоратингиздадир?
— Шунга яқинроқ.
— Унда айтишим шарт экан. Ачинмаслигимнинг бир неча сабаблари бор: биринчиси, ўйнашиникида ўлдирилган, деган гумон мавжуд. Бу гумон тасдиқланмаслиги ҳам мумкин. Лекин ўйнаши борлиги аниқ. Демак, ҳаром йўлдаги одамнинг қисмати бундан ўзгача бўлмайди. Иккинчи сабаб, у асадбекларга алоқадор одам. Бу томонда ҳам тўғри яшамаган.
— Қаҳрингиз мен кутгандан ҳам қаттиқроқ экан,— деди Саид Қодиров бош чайқаб. — Одамийлик нуқтаи назаридан фикрингиз тўғридир. Касбимиз нуқтаи назаридан-чи? Ҳаётлик даврларида ким бўлишлари биз учун фарқсиз, энди улар жабрланувчилар ҳисобланадилар. Бизнинг бурчимиз эса ўша жабр этганни топиш.

Зоҳид бу гапни эшитиб, бошини қуйироқ эгди-да: «Мен оғир муаммога дуч келдим, ақлинг етса сен жавоб бер», дегандай беихтиёр равишда пиёлага икки бора чертиб қўйди. Лойи қалин олинган пиёла бокира қизнинг қаҳ-қаҳасидай жаранг эмас, тумов бўлган кампирнинг йўтали каби бўғиқ овоз берди. Худди «бу муаммони ечолмай ўзим ҳам бўғилиб ўлаёздим», деган каби бўлди. Зоҳид бошини кўтариб хона соҳибига тикилди:
— Одамийлик нуқтаи назари бошқа, бизнинг касбимиз бошқами?

Саид Қодиров стол устига шапатилаб қўйди-да, айб-дор одамдай елка қисди:
— Мен бошқа маънода айтувдим, сиз ўзга томондан илғабсиз.
— Ўзингиз гап очганингиз учун бир масалани айтмоқчиман: Эҳсоновга ачиниш ёки ачинмасликни бир томонга қўйиб турайлик. «Эҳсонов жиноятчи», деган гумонимиз бор. Агар жиноятларини бўйнига қўйиб исбот қилиб берсак, балки суд уни ўлимга ҳукм этарди. Унгача орадан бир йилми, икки йилми ўтарди. Биз эмас, бошқа бир одам ёки гуруҳ биздан чаққонроқ ҳаракат қилиб уни ўлимга ҳукм қилди-ю, чўзиб ўтирмай ҳукмни дарров ижро этиб қўя қолди. Эҳсоновнинг тақдирида нима ўзгарди? Бизнинг сусткашлигимиз учун яна озгина яшармиди? Унинг яшаши эвазига нечта одам жон берарди ёки қанчаси жабр кўрарди? Бу масаланинг икки ечими борга ўхшайди. Биринчиси: сиз айтган одамийлик нуқтаи назаридан қарасак, унинг олдинроқ ўлгани жамият учун фойдалироқ. Иккинчи-си — касбимиз, бурчимиз нуқтаи назаридан қарасак, у чиндан ҳам жабрланувчи. Қотилни жазосиз қолдиришимиз мумкин эмас. Балки кимёдаги занжир реактсияси каби бугунги қотил ҳам эртага жабрланувчига айланиб қолар?
— Хўп, бу фалсафаларни қўйиб турайлик, — Саид Қодиров ўрнидан турди-да, деразанинг бир табақасини қиялаб очди: — Қаҳва бу сафар хиёнат қилди, ақлимизни пешламади, — шундай деб Зоҳиднинг қаршисида тўхтади. — Миркаримовнинг ишидан гапиринг. Ҳар ҳолда асадбекларга тааллуқли жойи борлигини фаҳмлагандирсиз? Мени ҳам шу томони қизиқтиргани учун «Иш»ни сизга топширишларини сўрадим. Агар унинг ўлими асадбеклар томонга тортса, кўпам чуқурлашманг. Яна уларнинг думини босманг.
— Секингина «Иш»ни ёпиб қўя қолайми?
— Сизга «думини босманг», дедим. «Илонни кўриш билан орқага қочинг», деганим йўқ. Илонни бўғзидан олиш керак. Бетон заводи кимнинг сояси остида эди, биласизми?

Зоҳид билмас эди. Буни ўйлаб ҳам кўрмаганига сабаб, винзавод, таксопарк каби бу корхона ҳам Асадбекка тобе деб ҳисоблаганди. Саид Қодировнинг саволидан сўнг адашганини фаҳмлаб, «билмайман», деб қўя қолди.
— Билмасангиз билиб олинг: бетон заводи Ҳосилбойвачча деганнинг ҳукмига бўйсунарди.
— Унда қандай қилиб?..
— Ҳа, қойилман, ана ўша «қандай қилиб?»га жавоб топиб кўринг. Балки шу жавоб ечимга олиб борар. Миркаримов бетон заводида кўп ишламади. Ҳосилбойвачча йўқолмай туриб ўлдирилди.
— Бу ерда катта ўйин яширинганини сезувдим. Шунинг учун ҳайдовчи билан ўйнашни ҳозирча озод қилсаммикин, деб турибман.
— Эҳтиёт чораси сифатида ўтиришгани ўзлари учун яхшироқ. Чиқарсангиз изни чалкаштириш учун уларни ҳам ўлдириб кетишса-чи?
— Буни ўйлаганман. Одам қўямиз.
— Бошлиғингиз билан маслаҳатлашинг. Сизнинг ўрнингизда бўлсам, уларни ҳозирча чиқармай турардим. Яна биттадан қаҳва ичамизми?

Тўй-маъракаларда ош еб бўлинса ҳам қимирлашга шошилинмаса, айниқса жой танқис кезлари хизмат қилиб юрганлар «чойинглар борми?» деб қайта-қайта сўрасалар «тезроқ тура қолмайсизларми, сизларга рухсат», деган маъно англашилгани каби Зоҳид ҳам суҳбат якун топганини фаҳмлаб, ўрнидан турди.
— Ақлни жудаям пешлаб юборсак бўлмас, ўтмасроқ ақл билан ҳам бир ишлаб кўрайлик-чи, — деб кулимсираганича хайрлашиш учун қўл узатди.

Киноя эмас, самимий оҳангда айтилган бу ҳазил гап Саид Қодировга маъқул келиб, жилмайди.

Avvalgi
I- qism
 



  1. Фаридиддин Аттор ҳазратларининг лафзларидан фойдаландик. Оллоҳ у зотдан рози бўлғай.
  2. «Икки кило гўшту икки кило гуруч» демоқчи.
  3. Мазмуни будир: Эй Одам фарзанди! Агар сенга бойлик келаётганини сезсанг, билгилки, азоб-уқубати ва жазоси нақд бўлган гуноҳ келаётир («Ҳадиси қудсий»дан).
  4. Ҳукумат идоралари билан ҳамкорлик қилиш ўғри учун ўз қонунларига хоинлик ҳисобланиб, шундай «унвон» билан тақдирланадилар.
  5. Мазмуни будир: Ким бу дунёда зарра мисқол оғирлигида яхшилик қилса ҳам (мукофотини) кўради. Ва кимки бу дунёда зарра мисқол оғирлигида ёмонлик қилса ҳам (жазосини) кўради. «Залзала» сураси, 7—8 оятлар.