OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

4 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифТоҳир Малик
Асар номиШайтанат (IV- китоб, II- қисм)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Криминал беллетристика
Муаллифлар
   - Тоҳир Малик
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Китоблар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм586KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/12/05
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Шайтанат (IV- китоб, II- қисм)
Тоҳир Малик

IX боб

1

Ўлим яқинлашаётганини сезган бир қария нор туясининг бўйнини силаб туриб, ғамгин равишда розилик сўрабди:
— Норжон, сен билан кўп йиллардан бери бирга эдик. Мен сендан розиман. Саҳрода адашган маҳалларимда неча марталаб мени ўлимдан сақлаб қолдинг. Сендан сира ёмонлик кўрмадим. Аммо мен сенинг дилингни оғритгандирман, бесабаб уриб, силтагандирман. Мендан кўрган ёмонликларингни кечиргин. Яна қиёматда учрашганимизда юзим шувит бўлмасин.

Шунда Нор туя дебдики:
— Эй ҳожам, уриб-сўкканингиз, силталаганларингиз, ҳатто бурнимни тешиб, бурундуқ ўтказганингиз учун хафа эмасман. Бу сизнинг менинг устимдаги ҳаққингиз эди. Мен ноҳақ ҳаракатларингизнинг барчасини унутаман, аммо битта ишингизни сира кечира олмайман.
— Қайси айбим экан, айт, — дебди қария.
— Эсингиздами, фалон замонда саҳрода адашиб қолган эдик. Мен не машаққатлар билан сизни омонликка олиб чиқдим. Шаҳарга яқинлашган онимизда сиз менинг бурундиғимга боғланган арқоннинг бир учини эшакнинг думига боғлаб қўйдингиз. Мен ўшанда эшакнинг думи ҳукмига бўйсиниб шаҳарга кирдим. Мана шу хўрликни кечира олмайман, ҳожам, — деган экан Нор туя.

Хонгирей ҳузуридан чиққан Асадбек ўзини ўша Нор туя ҳолида кўрди. Хонгирей унинг бурнидан ип ўтқазиб бир учини Кесакполвон қўлига тутқазмоқчи эди. Асадбек тақдирнинг бу шум ҳазилига итоат этгандай бўлдию, ўзидан нафратланди. Бошига шўр тушганидан бери у бу қадар хорланмаган эди. Маматбей кузатувида меҳмонхонага қайтган Асадбек зоҳиран одам келбатида бўлса ҳам, аслида бир вайрона эди. Бироқ у буни тан олгиси келмади. Маматбей билан бўлган муомаласида ҳам, Жамшид, ўғиллари билан кўришганида ҳам сир бой бермасликка уринди. Жамшидга «Масковда ишимиз битди, қайтиш ҳаракатини қилавер, мен бир пас дам олволай», деб хонасига кирди. Юз-қўлларини ювиб, сочиққа артаётганида рўпарасидаги кўзгуга қараб қолди. Оппоқ сочларига тикилди. Ҳали, Хонгирей билан учрашувга бормай туриб кўзгуга қараганида сочларининг оқариб кетганига ҳозиргидай ҳайратланмаган эди. «Шум Маматбей сезди, — деб ўйлади Асадбек кўзгудаги аксидан кўз олмаган ҳолда. — Хонгирей-чи, пайқадимикин? Сезмаган бўлса, шум айтади. Кейин «қойиллатибмиз», деб қувонишадими? Уйга қайтганимда Ҳайдар хунаса ҳам яйрайди. Манзура... қўрқиб кетадими? Бўятиб ола қолсаммикин?» Шу тўхтамга келиб дахлизга чиқди-ю, бироқ, дарровгина шаштидан қайтди. «Балки Хонгирей шу топда Ҳайдарга телефон қилиб «оқсоч хўжайинингни кутиб ол», деб ишшаяётгандир. У хунаса кессак ҳам энг аввал бошимга қарар. Кейин «уялганидан бўятиб олибди», деб хабар берар. Йў-ўқ... бу хунасаларни ин-инига кирғизиб юбориб, кейин бўятаман...»

Бир пас ҳордиқ чиқариш ниятида каравотга чўзилган Асадбекнинг танаси салгина роҳатлангандай бўл-ди-ю, бироқ, руҳи ором ололмади. Дераза ортидаги олам шом қоронғулиги ҳукмига бўйсуна бошлаган дамда эшик қулфининг шиқиллашидан сергакланди. «Яхши ниятли одам эшикни бунақа эҳтиётлик билан очмайди», деган фикр вужудини қалқитиб юборди. Унинг назарида қулфга қандайдир одам эмас, Азроил калит солиб бураётгандай эди.

... Ҳозир кириб келади.

Суратларда чизилгандай чалғи кўтариб, кафанга ўралиб олган қоқсуяк маҳлук кўринишида кирадими...

... Балки

... Маматбей қиёфасида кирар?

... Боши чалғида олинадими?

Балки...

Қиларқонда бўғилар?..

Эрталабгача тили осилиб ётадими? Жағини боғлаб қўйишга бир меҳрибон топилмайдими?

Бу фикрлар яшин тезлигида келиб кетган бўлса-да, шумлигини амалга оширишга улгурди: Асадбекнинг ҳатто тили ҳам музлаб қолгандек бўлди. Хаёлидаги Азроил кириб келишга улгурмай, ўлишга тап-тайёр бўлиб қолди. Ўзини ҳимоя қилишга куч топиш у ёқда турсин, нечундир хоҳиш ҳам уйғонмади. Юмуқ кўзларини билинар-билинмас равишда очиб ётаверди.

Эшик жуда асталик билан очилди.

Оёқ шарпаси эшитилди.

Сўнг бир бош кўринди...

Ким у? Жамшидми? «Шунга топширишган эканми?»

Асадбек кўзларини баралла очди.
— Жамшид? — Асадбек шундай деб қаддини сал кўтарди. — Нега мушукка ўхшаб писиб юрибсан?
— Бек ака, — Жамшид ичкари кириб, қўл қовуштирди, — ухлаётган бўлсангиз, уйғотвормай дедим. Ўн иккидаги самолётнинг учиши эрталабга қолдирилибди. Айтиб қўйдим, учадиган пайтда хабар қилишади. Ке-йин...
— Чайналма, нима демоқчисан?
— Ресторанда ҳам тўрт кишилик жой тайёр. Бирга...
— Қорним тўқ, ўзларинг ўтираверларинг. Кенна-йингга айтиб қўйдингми?
— Айтдим, лекин... Бек ака, чиқсангиз яхши бўларди. Чеҳрангизни очиб ўтирсангиз... ҳар ҳолда дўст бор, душман бор.

Жамшид ақл ўргатишга ўргатди-ю, бироқ, хожасининг юзлари учганини кўриб, нафасини ичига ютди. Асадбек эса ғашланган кўйи тирсагига тиралганича бир неча сония ҳаракатсиз ётди. Аъёнининг таклифига на «ҳа» деди, на «йўқ». Кўкрагида «Сен бола, менга ақл ўргатма!» деган ҳайқириқ уйғонди-ю, бақириқ шаклига кириши мумкин бўлган бу норозиликни сергак ақл бўғиздан нарига ўтишига йўл қўймади. «Нега сачрамоқчисан, бола тўғри айтяпти, — деди ақл. — Мушукка ўхшаб ҳурпайиб олганинг нимаси? Ғалаба қилганингда гердайиб юришни билардинг. Бир муштлик ҳолинг борми? Сен йиғласанг улар мазза қилиб куладилар. Йўқ, яхшиси сен кул, улар аламдан дод солишсин!»

Ақлга таслим бўлган Асадбек ўрнидан туриб ки-йинди-да, аъён ҳукмига бўйсуниб, икки ўғлини икки қанотига олган ҳолда, қаддини ғоз тутиб, ресторан томон юрди.

Кўча томондан одамлар қўйилмаган, хос меҳмонхонанинг нозиктаъб меҳмонларигагина хизмат қилгани учун ресторан гавжум эмас эди. Уларга дераза томондан жой ҳозирланган экан. Асадбек юмшоқ стулга ўтираётиб ташқарида қорамтир тусда кўринаётган кремл-нинг туя тишларини эслатувчи деворига кўзи тушди-ю, ўзи учун ҳам кутилмаган тарзда Депутатнинг гапларини эслади: «Бек ака, сиз билан бизнинг тақдиримиз кремл деворлари ортида ҳал қилинади. Биз бу деворни бузмас эканмиз, бағримизга шамол тегмайди...» Бу гапга жавобан Асадбек ўшанда «Ҳаммаёқни сенга ўхшаган ишбузуқилар бузади», деган эди. Ҳозир эса бошқача ўйлади: «Бу деворларни йиқиб бўлармикин?..»

Асадбек сиёсатни дурустроқ фаҳм этганида «Бизлар учун бу деворнинг тургани маъқул. Сенинг бағрингга шамол тегмаса тегмас, биз шу деворнинг ичида ўсиб-улғайдик, қанот ёздик, бизларнинг ҳимоямиз ҳам шу. Агар бу девор йиқилса, тагимизга сув кетади», деган бўларди балки.

Асадбек ўзини хушнуд тутишга уриниб, ўғиллари билан чақчақлашиб ўтиришга интилди. Фарзандларининг гўдаклигидаги қилиқларини эслади. Жамшид ҳам четда турмай, бир-икки латифа айтиб кулдирган бўлди. Улар томонга қараб-қараб қўювчилар гўё бахтиёр оиланинг масъуд дамларига гувоҳ бўлдилар. Асадбекнинг нигоҳи ресторан бўйлаб сарсари кезиб туришини сезишмади. Асадбекка Хонгирейнинг одамлари уларни қайси бир бурчакдан туриб кузатишаётгандай туюлди. Бу гумон ҳақиқатга айланаёзганида Асадбек ғашланди. Икки соат давомида у ресторанда эмас, балки тиконлар устида иштончан ўтиргандай бўлди. Гўё амр этиш ҳуқуқи Жамшидга берилгандай, ижозат сўраш назари билан унга қараб-қараб қўйди. Жамшид хожасининг безовталигини сезиб «Яна озгина кутинг», деган илтижоли нигоҳи билан жавоб берди. Жамшиднинг мақсади фақатгина кузатиши мумкин бўлган кўзларни шамғалат қилишгина эмас, балки хожасининг ёлғиз эзилиш балосидан оз фурсатга бўлса-да, қутқариб туриш эди.

Жамшиднинг ихтиёри билан уюштирилган ресторан томошаси тугагач, у хонасига йўналган хожасини тўхтатди:
— Бек ака, бошқа хонага жой тайёрлатиб қўйганмиз.

Асадбек бу сафар норозилигини яширмади:
— Жа оширвординг, бола!

Агар Чувринди бўлганида хотиржамлик билан «Бек ака, эҳтиёт — шарт!» — деб қўяр, Асадбек эса унга итоат этарди. Ўзининг Чувринди мартабасида эмаслигини яхши билган Жамшид ортиқча гапирмади. «Айтдим-қўйдим, жон ширин бўлса, ўзингизни эҳтиёт қилинг», дегандай қараб қўя қолди. Ҳозир Асадбекка Чувриндининг ўрни билинди. «Бу бола содиқликка содиқ, лекин икки дунёда Маҳмуд бўлолмайди», деб ўйлади.

Кенгроқ хонадаги учта каравот билан битта диванга жой қилиб қўйилган эди.
— Ҳаммамиз чарчадик. Тиниқиб ухлашимиз керак. Уйга кўзларимиз киртайиб борсак, онанг ўзидан кетиб қолмасин, — Асадбек шундай деб пиджагини ечиб стул суянчиғига ташлади-да, шимини ечмай, ўрин устига чўзилди. Ўғиллари ҳам оталари каби омонат ётишгач, Жамшид чироқни ўчирди.

Бўлиб ўтаётган воқеаларнинг замирида бир шумлик ётганини сезсалар ҳам, оталаридан сўрашга журъат этолмаётган ўғиллар шифтга тикилганча қимирлашмасди. Асадбек «Ўғилларим қаттиқ толиқишибди, ухлаш-япти», деб янглишди. Йигитлар бесаранжом бўлсалар-да, каравотни ғижирлатиб оталарини безовта қилгилари келмай, хаёллари оқимига майлларини бериб ётишарди. Бу уч жоннинг жони учун ўзини масъул деб билаётган Жамшид эса «тиқ» этган товушга ҳам сергак қулоқ тутарди.

Тиниқиб ухлаб олиш ниятидаги тўртовлонга бу кеч уйқу хиёнат қилди.

Ҳозир Асадбек устига келган одам унинг кўзлари юмуқ эканини кўрарди. Бироқ, табиийки, қалби юмуқ эканини билолмасди. Абдураҳмон табибникида эканида, ўлим фариштасидан бўса олай деб турганида Тангри таоло сари озгинагина силжиган эди. Оллоҳ эса, ваъдасига кўра, бандаси томон юриб, унинг боши устидаги бало булутини ҳайдай бошлаган эди. Бундан қониққан Асадбек Яратган сари юрмоқдан тўхтадигина эмас, дунё ташвишларига банди бўлиб, аслига қайта қолди. Очилмоққа мойил қалби юмуқлик балосидан қутула олмади. Кўзлари юмуқ Асадбек айни чоқда юмуқ қалби билан чора изларди.

Донишманд деб эканки:

«
Илоҳи, ёмон афъолимдин паришонлигим чўқтур,
Ва шум нафсимда пушаймонлик йўқтур
Мундоқ балолардан қутуларға умидим сендин ўқтур…
»


Шунга кўра, Асадбек пушаймонлардан нари экан, нажотга ҳам умид йўқ эканини идрок қила олмас эди. Унинг кўр қалби «Эй Худо, сенга нима ёмонлик қилувдимки, менга бу офатларни юборяпсан», деб хитоб қиларди. Бандаларга қилинган ёмонлик Тангрига қилинган ёмонлик каби эканини эса фаҳм этмасди. Ҳозир шу ётишида ҳам Худони саволга тутарди. Пушаймонлик, тавба кўчаларига кирмоқликни эса ўйламасди.

«
Илоҳи, дарду холимни ҳар кимга айтсам
Рад қилса, сенга таважжуҳ этгайман.
Ва агар сен рад қилсанг, нетгайман,
ва кимга кетгайман…

Ҳазрат Алишер Навоий битган муножотдан.
»


Асадбек дардини бировга айтадиганлардан эмасди. Афсус шуки, Тангрига юзланадиганлар сафида йўқ эди у. Надоматким, рад этилганлар гуруҳида эди...

2

Манзура қўрқув аралаш таажжубини астагина «вой» деб, пастки лабини тишлаш билан ифода этди-ю, бош-қа садо чиқармади. «Вой адаси, у ёқда нима гап бўлди, нега сочингиз оқариб кетди?» деб сўрагиси келди-ю, меҳмонлар, айниқса ҳадиксираган қушдай саломга шай турган келинлари олдида эрининг захарли гаплари отилиб чиқишидан қўрқди.

Келинларининг саломига алик олиб, ҳар бирининг оёғига остига биттадан гилам ташлагач, эркаклар учун ясатилган хонага қараб юрди.
— Ўғилларинг бало, — деди Кесакполвон, ўтиришгач, — келинларинг нақ шкалатнинг ўзи.
— Кўзингни чақчайтирма, — деди Жалил унинг гапини бўлиб. Кейин уй соҳибига юзланди: — Асад, мен кетдим.

Асадбек дўстининг бу даражада шошилишидан аччиқланди:
— Келмасанг ҳам бўларди, оворагарчиликда анча азият чеккандирсан, — деди захарли пичинг билан. — Келишингда без-мезинг тушиб қолгандир, а?

Насияга гап олишни ёқтирмайдиган Жалил бу сафар одатига хилоф қилди, пичинг ўқларини ширин, аммо тагдор сўз билан қайтарди:
— Энди оғайнижон, чиллалик уй, деган гап бор. Чиллалик уйга ҳатто ит ҳам кирмай тургани маъқул.

Асадбек унинг мақсадини уқиб, Кесакполвонга зимдан қараб олди. Унда ўзгариш сезмагач, ўрнидан турди:
— Ўтириб тур. Чиллалик уйга сен бегона эмассан. Шу болаларнинг амакисисан. Мен ҳозир келаман.

Кесакполвон унга эргашмоқчи эди, Асадбек остона ҳатламай туриб, ўгирилди:
— Сен ҳам ўтириб тур.

Асадбек ёлғондан бўлса-да «Сен ҳам амаки қаторидасан», демоқчи эди-ю, бироқ, тили бу гапга айланмади.

Асадбек ҳовлида турган Ҳалимжон билан Жамшидга имлаб қўйиб, дарвоза сари юрди. Аслида унинг учун йигитлардан бири кифоя эди. Бироқ, «Кесакполвон дераза ёнида туриб кузатаётгандир», деган хаёл иккала йигитни эргаштириб чиқишга ундади.

У янглишмади: жойига қайтиб ўтирмай дераза ёнида турган Кесакполвон йигитларнинг хожаларига эргашганларини кўргач, кўнгли ғашланди, чап юзи учди.

Асадбек Москвани тарк этар маҳали «Боришим билан онам билан укамни зиёрат қиламан, мозорга у-бу атайман», деган ниятни дилига туккан эди. Бу ғофил банда ҳам ўзга адашганлар каби нажотни Яратгандан эмас, қабристондан кутаётган эди. Дастлабки мўлжали бўйича тўғри қабристонга бориши лозим эди. Лекин кутиб олгани чиққан Кесакполвонни ўзига эргаштиргиси келмади. Кесакполвон Асадбекни мағлублик жандасида кўрмоқни, аразлаган одамнинг гинали гапларини эшитмоқни кутганди. Асадбекнинг очиқ чеҳра билан тушиб келиб, «Ҳайдар ошнам, омонмисан», деб қучоқлаб қўйиши уни тамом гангитиб қўйди.

Кеча кечқурун Хонгирей қўнғироқ қилиб «Иш пишди. Энди бек — сенсан. Асадни истасанг остонангга ит каби боғлаб қўй. Хоҳласанг эшак қилиб миниб юр. Раҳм қилсанг, тепасига тупроқ тортиб қўявер. Ҳа, қулингнинг оппоқ сочларидан силаб, ўпиб қўй. Бекман, деб керилиб, жонларингни оладиган хўжайининг иштонини ҳўл қилиб қўйди», деган эди. «Сочлари оқарганини ҳисобга олмаса, иштонини ҳўл қилиб қўйганини» Кесакполвон сезмади.

Ҳовлидан чиқиб кетаётган Асадбек билан йигитлар изидан қараб турган Кесакполвон дераза кўзини синдириб, ташқарига учиб чиқмоққа шай эди, аммо ўзи ҳам англамаган бир куч уни жойида маҳкам тутиб қолди. Ўзи билмаган бу куч — оқибат қўрқуви эди. Гарчи Хонгирей Асадбекнинг бўйнини (гўё) букиб берган бўлса ҳам, Кесакполвон ундан қўрқарди. Ит қилиб боғлаб қўёлмаслигини, эшак қилиб минолмаслигини, ҳатто тепасига тупроқ тортиб ҳам тинчий олмаслигини яхши биларди.

Асадбек бирон бир одамнинг шохини қайирмоқчи ёки синдирмоқчи бўлса, «Сен ҳамма нарсани унутсанг унут-у, аммо Бек акангни унутма! Сен ҳатто менинг ўлигимдан ҳам қўрқ. Чунки мен гўримда ҳам тинч ётмайман. Тиригимда шу одамни ўлдириб қутуламан», деб ният қиларсан. Лекин гўрда ётганимда ёнимга келиб қайта ўлдиролмайсан, мендан қутула олмайсан. Ётган еримдан қўлимни чиқариб, кекирдагингни суғуриб оламан!» деб пўписа қиларди. Бу пўписани эшитган Кесакполвон «Бек, гапни ҳам қийворасан-да», деб куларди. Бир куни навбатдаги ўлжанинг попуги пасайгач, Кесакполвон ҳазил тариқасида «Бек, бу дунёдаги ишларингни кўриб турибман-у, гўрдан чиқарадиган қўлингга ҳайронман-да» деганда Асадбек «Ҳайрон бўлма, гўрдан чиқарадиган қўлим — сенсан», деган эди.

Шайтанат оламидаги кичик бир мамлакат ҳукмдори Асадбекнинг тахтига ўтириш онлари яқинлашгани сайин Кесакполвон ўша суҳбатни бот-бот эслади. «Энди мен унинг гўрдан узатиб чиқарадиган қўли эмасман. Кекирдаги узиб олинадиган ўлжасиман. Қўл ким? Жамшидми ё Ҳалим сўтакми?» Шу саволлар ичини бир тирнаса, «Э, йўқ, Бек бунчалик паст кетмайди. У мард одам. «Олсанг олавер!» деб чопонни елкага ташлаб чиқиб кетаверади. Ҳар ҳолда болаликдан қадрдонмиз. Нима қилган бўлсак ҳам бирга қилганмиз», — деган фикр ўзини гўё овутарди. Аммо юки бўлмаган бу фикрларига ўзи ҳам ишонмасди. Дераза ёнида туриб хавотир тирноғи ҳукмига тушиши шундан.

Мусаллама каззоб ўзини пайғамбар деб эълон қилганида бир кўзи кўр, иккинчиси эса хиралашган қария келиб «пайғамбар бўлсанг дуо қилиб, кўзларимнинг нурларини қайтар», деб сўрабди. Каззоб «куф-суф» қилган экан, чолнинг иккинчи кўзи ҳам кўр бўлибди. Кимга эътиқод қилишни билмаган нодон чолга ўхшаб қолган Кесакполвоннинг ноқис ақли бўлажак фалокатни тўла фаҳм этмасди, бироқ юраги ҳис этиб, жонсиз куз япроғи каби титраб турарди.

Учоқда учиб қайтаётган Асадбек эндиги ҳаёти ислоҳга муҳтож эканини англаган, шу йўлда айрим аҳдга ҳам келган эди. Кўнгил баъзан ақлга бўйсуниб «Қўй энди, бу ташвишларни, тўрингдан гўринг яқин бўлиб турибди, емоқ-ичмоғинг етарли экан, бошқасига қарама», дерди. Бироқ афсуским, инсон фитратида нафс деган нарса ҳам бор. Ақл ва нафснинг бир-бирига зид эканлиги ойдиндир. Ақл рад этмиш нарсани нафс даъво қилаверар. Айни дамларда нафс Асадбекни бойликка ундамаётган эди. «Асадбек» деб ном берилган бу вужудга, наинки вужудга, буткул руҳониятига ҳукмини ўтказиб келаётган нафс энди кибрга никоҳланди. Мазкур никоҳнинг маҳсули эса Асадбекдаги мардликни бўғиб, уни ўйиндан чиқишига йўл қўймайди. Тўғри, у тахтини Кесакполвонга топшириб қўявериши мумкин эди. Бироқ, мағлуб ҳолида чекинишни истамади. Энди уни ҳеч ким, ҳеч қандай куч аҳдига қайтара олмас эди. Дарёни кўзачага қамаш мумкин бўлмаганидек, Асадбекнинг ғазаб ўтларини ўчиришга уриниш бефойда эди.

Москвадаги меҳмонхонада бедорлик билан олишиб ётган Асадбекни йўқлаб келган Илико ўтларга мой сепган эди. Аслида Асадбек эртаси куни Иликодан кўнгил сўрагани бориши керак эди. Жамшидга «қайтишнинг ҳаракатини қил», деб топшириқ берган Асадбек Хонгирейнинг бирга бориш ҳақидаги амрини унутмаганди. Асадбек меҳмонхонадан қайтаётганидаёқ бу масалани пухта ўйлаб, ҳал қилиб қўйганди. Илико билан учрашмай ўзини салкам Худо деб ҳисоблаётган бу кибрли чеченга жавоб — тарсаки бўларди. Иккинчидан, у Хонгирейнинг Илико билан ярашиб олишини истамади.

Ярим тунда меҳмонхонага келиб Асадбекни йўқлатган Илико кўп гапирмади. «Нега келдинг, ўғилларингга нима бўлди? Бу ёғини менга қўйиб бер», демади. Акасининг ўлимидан қайғуда эканини айта туриб «Хонгирей ўлим рақсига тушишни бошлади. Энди қанча яшашини мен ҳал қиламан», деб қўйди. Асадбек унинг аҳди оҳангидан «Хонгирейдан ўч оламан, у билан олишаман, деб овора бўлма», деган маънони уқиб, гапни чўзмади.

Дерларким, вақти келганда баъзи нарсалар учун жонни фидо қилмоқ мумкин. Аммо номус ҳеч бир нарсага фидо қилинмас, номус жондан-да қимматлироқдир. Асадбек ота-она меҳрисиз ҳам бу дунёда яшамоқ мумкинлигини билади. Бироқ, эркакнинг номуссиз яшамоғи қандай бўлишини тасаввур этолмайди. Ўзгаларнинг номус-ори топталганда роҳатланган одам, ўзига тажаввуз қилинганда чидай олмади. Узоқ йиллар илгари янграган, сўнг унут ғуборлари остида мудраб қолиб кетган бу қарғиш ҳеч кутилмаганда уйғонди. Бу қарғиш олдида Жалилнинг «Худодан қайтибди», дегани арзимас бир гап эди. Ҳосилбойвачча ташлаб кетган видеокассетадаги манзарани кўриб кўз олди қоронғилашганда зулмат қаъридан ўша овоз бўғиқ момагулдирак каби чиқиб келган эди:
— Асад, мен сенга Худодан ўлим тилайман. Мен бугун сенинг қўлингдан ўлим топмасам, эртага жонингга қасд қилмайман. Ўғилларим ҳам қасос олишга уринишмайди. Йўқ, сен осонликча ўлиб кетмагин, Асад. Сен болаларингнинг хорланганини кўргину сўнг ўлгин...

У дамда Зайнаб ҳали туғилмаган эди...

Алам билан айтилган бу қарғиш наҳот туғилмаган қизнинг қисматига ёзилиб қолган бўлса?..

Наҳот унинг жони-жаҳони, суюкли қизи туғилганидаёқ ўша қарғиш йўргагига йўргакланган бўлса?..

Бақириб эмас, инграб айтилган бу сўзлар шунчалар қудратга эга эканми?..

Москвадаги меҳмонхонада ётганида бу қарғишни яна эшитди. Овоз бу сафар бўғиқ эмас, еру кўкни ларзага солувчи момагулдирак янграши каби эшитилди.

... Аслида ўша ғалвани шумқадам Кесакполвон бошлаган эди. «Ўқилон» деган лақабдан бой одамларнинг энди-энди чўчий бошлаган дамлари эди. Марказдаги ресторан бошлиғи уларнинг талабига кўра чўтални канда қилмай, камайтирмай бериб турарди. Кесакполвон қаердандир ҳид олиб «чўталига гадомизми, шунча бойлиги бор экан, этакка тўксин», деди. Бу фикр Асадбекка маъқул келгач, ресторан бошлиғига талаб аввал яхшилик билан айтилди. Талаб рад этилгач, тунда уйига бостириб борилди. Асадбек Кесакполвоннинг бунақа ишларига аралашмас эди. Ўша куни «сен ҳам бор, кимлигингни одамлар билиб қўйишсин», дегач, борди. Асадбек боргунига қадар Кесакполвоннинг йигитлари ишни бошлаб юборишган эди. Кесакполвоннинг таъбири билан айтилганда «профилактика ишлари»нинг икки кун аввал бошланганини Асадбек ўша ерга борганида билди. Иситгич қувурига боғлаб қўйилган уй эгаси уриб-калтакланмаган, лекин икки кундан бери қултум сувга зор бўлиб, силласи тамом қуриган эди. Ён хонадаги хотини, икки ўғли, икки қизи ҳам шу аҳволда эди.
— Асад, буларингга айтгин, сув беришсин, — деди уй эгаси зорланиб.
— Кўп сув ичсанг сийиб қўясан, — деди Кесакполвон тиржайиб. — Бек, бу акахонингга айтяпман, ҳозир сувнинг нархи ошиб кетган. Беркитган тиллаларини чиқарсин, тўйдириб суғормаган — номард!
— Асад, бунинг валдирайверади, менда тилла йўқ. Топганимни битта ўзим емайман-ку, юқоридагиларнинг қанчасига сочаман. Тилла бўлса ўшаларда бўлади. Мен боримни бердим, бошқа йўқ.
— Қанча берди? — деб сўради Асадбек.
— Ўттиз икки минг, яна хотинининг узук-пузуклари... Ў, мараз, сен мени лақиллатсанг ҳам Бекни лақиллатаман дема. Берганинг битта тишимнинг кавагида йўқ бўлиб кетади. Ҳозир кўчага чиқиб «ресторан каттасининг уйида шундан бошқа пул йўқ экан», десам одамлар иштонини ечиб орқаси билан кулади.
— Асад, менда бошқа пул йўқ. Ҳеч бўлмаса кеннайингга сув берларинг, бечора касал.
— Ана кўрдингизми, бечора кеннайим касал эканлар. Сизга кеннайимниг жонлари керакми ё молми? — деди Асадбек, унинг зорланишларига эътибор бер- май.
— Бек, хотинини қўявер. Бу маразнинг қизлари етилиб қолибди. Буқачаларимни аранг ушлаб турибман. Шилимшиқ, акангга анави ашулангни айтиб бер-чи. Бек, қулоқ сол, бунақанги алламбалосини эшитмагансан.

Дераза ёнида турган йигит совуққина ишшайиб қўйиб, созланмаган ғижжак овозида хиргойи қилди:
— Тоғда қуён отдим, ияги йўқ.

Қизлар куйлак кийибди, жияги йўқ.

Жияги йўқ ерларидан қўлим солсам,

Билқиллайди қўш анори, суяги йўқ...
— Дод, жонгинангдан аканг! — Кесакполвон шундай деб тиззасига урганича қийқирди.

Уй эгаси «шу кичкинагина жасадга бунчалик кўп зулм сиғиши мумкинми?» дегандай унга тикилиб қолди. Қандайдир ғойибона овоз унга «Мумкин, сен ўйлагандан кўпроқ ҳажмда сиғади», дедими, талвасага тушиб, энди нажот кўзлари билан Асадбекка боқди.
— Бек, нима десанг де, буқачаларни қўйиб юбораман. Қизчаларни би-ир суғоришсин, — деди Кесакполвон.
— Йўқ! Асад, сен билан келишувимиз бор. Мен айтганингни бериб келдим. Мени ҳимоя қилишга ваъданг бор.
— Сен ғирром ўйнадинг.

Асадбек унга доим «сиз»лаб гапирарди, ҳурматини жойига қўярди. Ҳозирги сенсирашидан зулм бобида шеригига яқинлашганини маълум қилди. Буни фаҳмлаган уй эгаси сўнгги илинж билан уни инсофга қайтармоқчи бўлди:
— Асад...

Кесакполвон унинг гапини узди:
— «Асад» дема! Нима, бу сенинг ўртоғингми?! «Бек ака», де!

Уй эгаси бир ютиниб олиб, амрга бўйсунди:
— Бек ака, шартимизда буниси йўқ эди. Уйингда борини берасан, демагансиз.
— Демаган бўлсам, энди дейман. Хўш, қани тиллаларинг?
— Тилла йўқ менда...
— Ҳукмни ўзинг чиқардинг, мендан домангир бўлиб юрма...

Асадбек «буқачаларингни қўйиб юборавер», дегандай шеригига қаради. Кесакполвонга шу қарашнинг ўзи кифоя қилди. Зулм ҳарорати ўтидан сачраган учқун бир оиланинг покиза гулларини сўлдирди.

Уй эгаси ўшанда қарғаган эди.

Ўшанда Асадбек «мен ҳам қиз кўрарман, вақти келиб кимнингдир ифлос нафаси ардоқлаб ўстирганим покиза гулни сўлдирар», — деб ўйламовди. Бу қарғишни ўшанда ер ютгандай бўлиб эди. Одам ўлиб кетаверар экан-у, бироқ, унинг қарғиши ўлмай, ер юзи бўйлаб ўлжасини таъқиб этиб юравераркан. Ресторан бошлиғи ўша воқеадан сўнг кўп яшамади. Аввал хотини, сўнг ўзи бу дунёни лаънатлай-лаънатлай ташлаб кетишди. Асадбек унинг жанозасига борган эди, гўрков тутган этакка «мени у дунёда ҳам эслаб юр», дегандай бир сиқим тупроқ ҳам ташлаган эди. Ҳа, унутмабди, ўзи кўмилса ҳам қарғишини қолдириб кетибди. Бу қарғиш йигирма йилдан зиёд Асадбекка соядай илашиб, пайт пойлаб юрган экан.

Ўша ресторан хўжайини тирик бўлиб, пичоқ билан ҳамла қилса, Асадбек ўзини ҳимоя қилиш чорасини топарди, ёки уни ўлдириб қутуларди. Энди кўзга кўринмас, чопса чопилмас қарғишдан ўзини қандай ҳимоя қилсин?

Асадбек қарғишни эслашга эслади-ю, бироқ, айбни ўзидан эмас, ўзгалардан излади. Алқисса, ҳукмни ҳам ўзига эмас, ўзгаларга чиқарди. Унинг қонида ўтган ишлардан пушаймон қилиб ўтириш деган нарса йўқ эди, билакс, қасос дегани истаганча топиларди. Синиқ кўнглида ғам, бузуқ хаёлида алам ҳукмрон экан, энди Асадбекдан нималар кутиш мумкин?

Жаҳолат зулмидан ақл равшанлигига ета олмай қолган Асадбекнинг Оллоҳ ҳузурида «бировга қасд қилмайман», деган аҳди бўлмагач, уни ким тўхтата оларди?

3

«Ойижон, мени чақирмай туринг, бу дунёда қиладиган ишим кўпайиб қолди...»

Мозорбошига қараб юраётган Асадбекнинг кўнглидан шу сўзлар кечди.

Касали оғирлашганда «ота-онам ёнларига чақи- ришяпти, вақт етган бўлса бораман-да, илож қанча?» деб ўйлаганди. Унда ўғиллари тақдиридан кўнгли тўқ эди. Зайнабни ҳам хорижга жўнатиб юборса, армонсиз, таҳликасиз кетиши мумкин эди. Аввал келганда «мени чорламанг», деб ялинмовди. Энди болаларини бундай аҳволда ташлаб кета олмайди. Ҳаққи йўқ ташлаб кетишга!

Худога эмас, чириб ётган мурдага ялинди бу ғофил банда.

У озгина бўлса-да яшамоқни, хонадони тепасидаги бало булутини ҳайдамоқни, оиласига бахтни қайтармоқни истарди.

Истарди... лекин...

Бу бахти қора бахтли бўлмоғи учун толеъ юлдузининг зулм зулматидан чиқиб, саодат буржига юз буриши зарурлигига ақли қосирлик қиларди.

Гуноҳлар кирини пушаймонлик ва тавба ёши юва олишини ким билмайди? Унда эса тавба ҳам йўқ, кўз ёши ҳам йўқ.

Жамшид бошлаб келган гўрков ўзи билганича тиловат қилгач, Асадбек унинг чўнтагига пул солди-да, онасига қўйилган қора мармар тош ёнидаги янги қабр-га имлаб:
— Бу ерга ким келди? — деб сўради. Кейин таҳдид эмас, афсус оҳангида қўшиб қўйди: — Бу ерга одам қўймагин, девдим-ку?
— Маҳалла бир нима деб турганидан кейин қайтар- олмайман-да. Бу ер уларнинг хилхонаси экан, асли.
— Ким экан, ернинг эгаси? — Бу сафар Асадбек овозида қаҳр зоҳир бўлди.
— Суҳроб ота дейишдими?
— Нима? Почтачими?
— Унисини билмадим... бир ҳафта бўлдиёв...

«Ҳа, ўша, — деб ўйлади Асадбек. — Бу ҳароми, келиб-келиб шу ерга кўмилдими?

Асадбек қабристонда эканини унутмади. Сўкиб юбормаслик учун тишини тишига босди. Тишларнинг ғижирлаганини сал нарида турган Жамшид ҳам эшитиб, сергакланди. Почтачининг қилиқлари Чувриндига маълум эди, Жамшид билмасди. Шу сабабли хожасининг нима сабабдан ғазабланганини англамади.

Алам жомига ғазаб майини қуйиб сипқорган одам аслида ёниб кетиши керак. Асадбек ёнишга тайёр эди. Бироқ, онасининг руҳини қақшатишни истамади. «Агар бу мараз бир ҳафта олдин қўйилган бўлса, — деб ўйлади у. — Онам бечоранинг арвоҳлари бир ҳафтадан бери чирқираб ётибди экан-да? Йў-ўқ... мен бу маразни йўқотаман. Хилхона эмиш... Унинг хилхонаси ахлатхонада...» Асадбек шу қарорга келиб, юзини бурди. Хаёлини чалғитиш мақсадида мармартош ортидаги ўрик дарахтига тикилди. Онасини шу қабрга қўйган йили бош томонига ўзи эккан нозиккина ниҳолча йўғон дарахтга айланган. Дарахтнинг танаси бужурлашган, тарам-тарам ёриқлар пайдо бўлган. Гўё бу ердан таралувчи сассиз нолаларни тинглайвериб, аламлардан тиришиб кетгандай... Шохчалардаги куртаклар баҳорга ҳомиладор бўлиб, тўлиб туришибди. Алдамчи илиқ шабада уларнинг кўзларини очиб юбориши мумкин. Аямажиз қайси бир кавакларда худди шуни кутиб турибди. Дарахтлар яйраб, гуллаган онда у бир ҳамла қилади-ю, битта-битта ямлаб бу чаман гулларнинг жонини олади...

Асадбек нима гуноҳ қилиб қўйганини англамай довдираб турган гўрковга яна бир бор ғазабли нигоҳини қадади-да, изига қайта бошлади. Дарвоза яқинида қимтиниб турган аёлни кўриб, қадамини секинлатди. Ҳали келишаётган маҳалда бу аёл рўпараларидан чиқиб салом берган, Асадбек унинг мунгли қарашидан қандайдир саросимани пайқаган эди. «Мени кутяптими ё гўрковда иши борми?» деб ўйлади у. Аёлнинг чеҳраси таниш туюлди-ю, аммо қаерда кўрганини эслай олмай Жамшидга қаради. Қарашдаги савол аломатини фаҳмлаган Жамшид:
—Шариф Намозовнинг хотини, — деб изоҳ берди.

«Демак, мени кутяпти».

Асадбекнинг секинлаганини кўрган Насиба унга пешвоз чиқиб, яна салом берди.

Асадбек алик олди-ю, «кимсиз, менда нима ишингиз бор?» — деб сўрамади.
— Мен... Шариф аканинг аёллариман... — деди Насиба саросимали овоз билан. Билмаган одам бу овозни эшитиб «Шариф аканинг хотини бўлиш ҳам катта гуноҳ экан-да, а?» деган хаёлга бориши табиий эди. Насиба бу киши яна «Қайси Шариф?» деб сўраб қолмасин, деган ташвишда дарров изоҳ берди: — Винзаводда ишлардилар...
— Ҳа, энди танидим, кўзимга иссиқ кўринятувдингиз. Тинчликми, синглим?

Қовоғи солиқ, қараши қаҳрли Асадбекдан мулойим оҳангдаги гапни эшитган Насиба саросимадан қутулди.
— Шариф акамни Масковдан олиб келиб... шу ерга қўйдик, — Насиба «Шу ерга қўйганимиз тўғри бўлибдими?» дегандай унга қараб олди.
— Ие... хабаримиз бўлмабди-ку? Салом-алигимиз бор эди эрингиз билан. Нега айттирмадингиз?

Асадбек бу гапи билан риёкорлик қилмади. У Шариф Намозовнинг ўлимини эшитган, бироқ касаллиги, кейин яна бошқа ташвишлари билан андармон бўлиб, оиласининг тақдирини унутган эди.
— Шошиб қолдик... — деди Насиба айбли одам овози билан.
— Биздан нима хизмат?
— Хизмат йўқ... фақат... ўзингизга учрашадиган ишим бор эди.
— Учрашиб турибмиз-ку, айтаверинг.
— Гапирадиган гапмас... омонат бор, бериб қўйишим шарт.

Асадбек «Шариф бир нима қолдирибди-да», деб ўйлаб:
— Эртага соат ўнда идорага келинг. Идорани биласизми? — деди.

Насиба «ҳа, биламан», деган маънода бош ирғади.
— Юринг, уйингизга ташлаб ўтамиз, — деди Асадбек.
— Йўқ, раҳмат, — Насиба шундай деб тисарилди. — Мен... ҳали бу ерда ишим бор... Гўрковга айтадиган гапим бор...

Асадбек аёлнинг ёлғон сўзлаётганини, уларнинг машинасига чиқишни истамаётганини сезди. Шу сабабли совуқ тарзда: «Хайр», деди-ю, дарвоза сари тез-тез юрди.

Уйга қайтишганда хонадонда ўзгачароқ руҳ ҳукмрон эди. Магнитофондан шўх қўшиқ таралган, ҳовлида хизмат қилиб юрганлар чеҳрасида хурсандчилик зоҳир, ҳатто булутларни чекинтира олган қуёш нурлари ҳам фақат шу хонадонга тушаётгандек эди.

Айвон устунига суяниб сигарет тутатаётган Кесакполвон Асадбекка пешвоз чиқиб, жилмайганича қулочларини ёйди:
— Энди бу ёғи тўйнинг бисмиллосида, Бек! — Кесакполвон шундай деб «Нима гап, қаерга бордиларинг?» деган маънода Жамшидга қараб олишни унутмади.
— Наби ҳофизга одам жўнатдим. Хиргойи қилиб ўтирсин-да. Ҳадемай уйингни одам босади. Ўғилла- рингнинг қайтганини эшитганлар қуллуқ бўлсинга келаверишади.

Кесакполвон айтгандай бировлар астойдил, бошқалар қўрққанидан, айримлар Асадбекка яхши кўриниш, баҳонада яқинлашиб олиш ниятида «муборак бўлсин»га келаверишди. Меҳмон кутиб чарчаган Жалил:
— Тўйни тезлатиб юбора қол, — деди. Ошнаси жилмайиб юргани билан юрагини оғир дард босиб турганини сезгани учун ҳазил баҳонасида ғам тошини енгиллатмоқчи бўлди: — Пулинг етмаётган бўлса бериб турай.
— Ичимсан-да ичимсан! Жиянларингнинг тўйига чўнтакни бир қоқасан-да, ошнам! — Асадбек шундай деб Жалилнинг елкасига қўл ташлаб, бағрига тортди.

Асадбек уйланаётганда Жалил тўёна бера туриб «Чўнтакни қоқиб, топган-тутганим шу бўлди, борига барака», деб қўйган эди. «Ҳа, энди ишчининг топгани нима бўларди!» деган хаёлдаги Асадбекка пулнинг чўғи кўпроқ туюлди. Ҳолироқ қолганда пулни санаб аввал ажабланди, сўнг кўзларига ёш келди. Чунки ўша дамларда бойваччалар ҳам бунчалик кўп тўёна беришмас эди.

Ҳозирги гап билан Асадбек ўша воқеани эсга солди. Бир оз фурсат ҳоли қолишганда эса қабристондаги аҳдини айтди.
— Жинни бўлма! — деди Жалил. Ошнаси аҳдини ҳозироқ амалга оширишга кетаётгандай енгидан ушлаб тортди.
— Мен аллақачон жинни бўлиб бўлганман, сезмаятувдингми? — деди Асадбек.
— Одамлар тошбўрон қилиб ташлашади. Бунақа масалада сендан қўрқиб ўтиришмайди.
— Менам тошбўронингдан қўрқмайман. Барибир ўлигини олдиртириб ташлатаман. Одамларинг аблаҳлик сира кечирилмаслигини билиб қўйишсин.

Донолар «Одамлар учун хотирда сақлаш, унутмаслик нақадар зарур бўлса, баъзи вақтда унутиш ҳам шу даражада зарур», дейишади. Асадбек нодон бўлмаса-да, унутиш заруратини тан олгиси келмайдиган тоифадан эди. Ҳақиқат ва тўғриликни севадиган одам доимо виждони фармонига итоат этаркан, унинг виждонига ҳеч ким ҳоким бўла олмас экан. Саробни, шаётин кўрсатган адаш йўлларни ҳақиқат ва тўғрилик деб ҳисобловчи дўстининг виждони фармонларидан нималарни кутишни фаҳмлаган Жалил уни инсоф кўчасига бурмоқчи бўлди:
— Сен кечиримли бўл. Худо «бандаларимнинг гуноҳини кечираман», деб турганида сен ўжарлик қилма.
— Худонинг ҳисоб-китоби бошқа, меники бошқа.
— Тавба қил, жинни бўлма.

Ҳалимжон яқинлашиб, маҳалладан бир одам сў-раётганини айтмаганида уларнинг баҳси Жалилнинг бўралаб сўкиб қолиши билан якунланиши тайин эди.

Жалил «йўқлаётган ким экан, ўзим билиб келаман», деб Ҳалимжонга эргашганича кўчага чиқди-ю, тезда изига қайтди.
— Шорасул аканинг невараси экан, бир бориб келмасанг бўлмайди.
— Ҳозирми?
— Ҳа, ҳозир, бола кутиб турибди. Укам анави куни «Амаким касалмишлар», девди. Оғирлашиб қолганга ўхшайдилар. Сенда гаплари бормиш.
— Бирга борамиз.

Жалил «Шорасул ака сени сўраттирган, менга бало борми?» дейиш ўрнига:
— Мен бу ерда келди-кетдига қараб тураман, — деди.

Чопар юбортирган Шорасул ака Асадбекка ҳам, Жалилга ҳам ота қадрдонлардан эди. Шу сабабли Асадбек ҳозир бормаслик учун баҳона излаб ўтирмаслик баробаринда Жалилнинг важ-карсонини ҳам инобатга олмади. «Юр, келадиган одам сенсиз ҳам келиб-кетаверади», деб тўнғиллаб қўйишининг ўзиёқ Жалилга кифоя қилди.

Қирқ биринчи йил Асадбекнинг отаси билан урушга кетиб, келгуси кузда ўнг қўлсиз уйига кириб келган Шорасул ака тўрт йилу тўрт ой давомида уларнинг иссиқ-совуғидан хабар олиб турди. Хотини билан биргаликда нон дўконида ишловчи бу одам икки бурда нон орттириб қолса, бир бурдасини уларникига ташлаб ўтарди. Уруш тугаб, Асадбекнинг отаси қайтаганидан сўнг ҳам бу одатини тарк қилмади. Асадбекнинг отаси «халқ душмани» тамғасида қамалганида кўпчиликнинг оёғи уларнинг остонасидан тортилди. Дастлаб Шорасул ака ҳам келмай қўйди. Туғруқхонадан қайтган онаси ҳолсизлангани сабабли нонга Асадбекнинг ўзи чиқадиган бўлди. Ярим кечада Жалилнинг отасига эргашиб чиққан Асадбек кўп қатори навбатда турар, унинг кафтига ҳам катталарга ўхшаб навбат рақамини ёзиб қўйишарди. Асадбек «Ёзув ўчиб қолса навбатдан чиқариб ташлашади», деб қўрқиб, кафтини юммасди, бармоқлари совқотиб, тарашадек қотиб қолса ҳам чидаб турарди. Навбати етганда бир қўллаб ҳисоб-китоб қилаётган Шорасул ака билан, эрининг ёнида чаққон-чаққон нон кесаётган опоқи хотин билан кўзлари тўқнашарди. Опоқиси бу бечора боланинг кўзларига қарай олмасди. Шорасул ака эса мунгли равишда тикиларди. Асадбек унинг «Ҳа, тойчоқ, қалайсан», деб эркалаб қўйишини жуда-жуда истарди.

Айтадиларки, синган умид чинниси чегаланса ҳам изи қолади. Балки катталарнинг умид чиннисига хосдир бу ҳикмат. Норасиданинг умидли нигоҳи жавобсиз қолганда синувчи қалб чиннисини кейин чегалашнинг имкони йўқ.

«Дада» деб тили чиққанида отасининг дийдорига тўёлмаган, гўдаклик чоғларида отанинг суйишлари қандай бўлишини билмаган, улғайган онида «тойчоқ» деб эркалашларга кўника бошлаганда яна меҳрга зорлик даштида қолган бола учун нон дўконида ишловчи амаки қаторидаги одамнинг бергувчи нонидан кўра биргина ширин сўзи азизроқ эди. Асадбек бу азиз нарсага зор бўлган кунларини ҳанузга қадар унутмайди. Йўқ, у Шорасул амакисига гина сақламасди.

Шорасул ака икки ҳафтадан сўнг шом қоронғусида уларникига келган, эски газит парчасига ўралган тўрт кесим нонни бериб, «Тойчоқ, қалайсан, ойинг, уканг яхшими?» деб ҳол сўраган, бироқ, остона ҳатлаб ичкари кирмаган эди. Туғилган гўдакнинг чилласи чиқмай туриб кириш мумкинмас, ёлғиз аёлнинг уйига шом қоронғусида кириб-чиқиш ҳам айб, деган тушунча Асадбекда йўқ бўлгани учун «халқ душманининг уйига киришга қўрқдилар», деб ўйлади. Ўшандан сўнг Шорасул ака худди уруш йилларидаги каби ҳар куни келишни одат қилди. Фақат аввалгилардек кундузи эмас, шом қоронғусида ров келиб-кетарди. «Тойчоқ, қалайсан?» деб бошини силаб қўярди. Одамлардан яширинча берилаётган бу меҳр боланинг ўксик кўнглига мал-ҳам бўла олмас эди.

Шорасул ака ҳар йили фарзанд кўрарди-ю, бироқ, унга бахт ваъда қилиб дунёга келган гўдак бир-икки ойгина яшаб, ота-онасини ҳижрон оловига ташлаб кетарди. Фақат тўртинчи қизи Тўхтахон исмига содиқ равишда яшаб қолди. Яшашга яшади-ю, ота-онасини куйдириб, қаритди. Шорасул ака «қадрдон ошналаримдан бирининг ўғлини куёв қилсам, куёв эмас, ўғил бўлса», деган ниятда юрганида ойдек чирой очаётган Тўхтахон тушмагур бир милиса йигитга кўнгил қўйиб, тўйсиз, никоҳсиз тегиб олиб, ота-онанинг бошини эгди-ю, куёв боланинг юртига жўнаб қолди. Шорасул аканинг хотини бу иснодга чидай олмади, шу эгик боши билан армонли дунёни ташлаб кетди. Худо бу аёлнинг раҳмини еди, иснод оловида куйиб яшаш азоби эса Шорасул акага насиб этди. Йигирма йилнинг нари-берисида у ёлғиз яшади. Асадбек билан Жалил уйлаб қўйишга ҳаракат қилишса ҳам у кўнмади. Баъзан аччиқланиб, бу таклифни рад этиб, баъзан эса «Ҳозирги хотинларга икки қўлли эр керак, бир қўлли нотавонни бошига урадими?» деган ҳазил билан чап берди.

Уч йил илгари Жалил укасидан «Шорасул амакинг яхши юрибдиларми?» деб сўраганида «Бир-икки кундан бери кўринмаяптилар» деган жавобни эшитиб «Кўринмаётган бўлсалар йўқлаб қўйсанг ўласанми!» деб сўкиниб, хабар олгани уйига кирган эди. Уч кундан бери иситмалаб, туз тотмай ётган бу одамнинг тирикми ё ўлик эканини дастлаб билмади. Қўшнилардан гина қилганида улар «Қайдам, ветеранларнинг шифохонасига ётмоқчийдилар, ўша ёққа кетгандирлар, деб ўйлабмиз», деган баҳона билан ўзларини оқлашди. Шундан сўнг Жалил Асадбекни ишга солиб, Шорасул акани кўндириб, Тўхтахонни кўчиртириб келган эди. Милитсиядаги хизматидан ҳайдалиб, ишининг тайини бўлма-ётган куёв болани Асадбек Чувриндининг лимонад тсехига жойлаб қўйганди. Бошқаларга нисбатан тўрт баравар кўпроқ маош олувчи «куёв бола» қайнотасининг бир пайтлардаги яхшиликлари эвазига бу мартабага эришганини фаҳмламасди. Шорасул ака тақдирга тан бергандай кўринса-да, қизи билан ҳам, куёви билан ҳам гаплашмасди. Бир нима дейиш зарурати туғилса набиралари воситасида айттирарди. Шорасул аканинг бу одатларини билганлари учун ҳам улар набиранинг йўқлаб келганидан ажабланишмади.

Шорасул ака ҳамишалик ўрни — темир каравотда эмас, хона ўртасида, қиблага оёқ қилиб ётқизиб қўйилган эди. Бунинг маъносини тушунган Жалил орқасига ўгирилиб, остонада турган Тўхтахонга ажабланиб қаради.
— Ўзлари айтдилар, — деб изоҳ берди Тўхтахон.

Жон бераётган одам юзини қиблага қаратиб, ибодатини қилиб олсин учун шундай ётқизилишини билмайдиган Асадбек бу ҳолатга эътибор бермади. Шорасул аканинг кўзлари очиқ, нафас олиши ҳам бир меёр-да — жон бераётган одамга ўхшамас эди.
— Асад, келдингми, тойчоқ болам, — деди у тетик овозда. Сўнг Асадбек билан изма-из кириб келган Жалилга кулимсираб қаради: — Ҳа, шалпангқулоқ, сенам келдингми? Ишқилиб Худо сенларни бир-бирларингдан айирмасин. Шалпангқулоқ, бормисан, бу дунёда? Юз сўмлик пулдай йўқ бўлиб кетдинг-ку, а? Асаддан гинам йўқ, унинг иши кўп. Сен салти-свой одамсан, сени сўксам ҳам арзийди.
— Нима бўлса ҳам балога қолувчи Жалил-да, а? Бу тойчоғингизни мен етаклаб келдим. Ой чиқса ҳам шунга чиқсин, кун чиқса ҳам шунга, а? Бу қанақа ётиш, отагинам?
— Бу ётишми... Оталарингни соғиндим. Ёғоч отга миниб би-ир йўлга чиқадиган бўлиб турибман.
— Адаларимизнинг сизга кўзлари учиб тургани йўқдир, биз билан отамлашиб юраверинг. Ёғоч отни ҳам қўйинг, бу ёқда ота бўлиб қилиб берадиган ишларингиз чиқиб турибди.
— Хайрли ишми, ишқилиб? — Шорасул ака шундай деб Асадбекка қаради.
— Хайрли ишларнинг додахўжаси, — деди Жалил.— Тойчоғингиз ўғилларини уйлантиряпти.

Энди тойчоқ демасангиз ҳам бўлади. От бўлиб қолди. Озгина эшшаклиги ҳам бор-у лекин сизнинг ҳурматингизни қилиб «от» десак ҳам бўлар.
— Тойчоқ, ошнангдан хафа бўлма, бунинг онаси гармдорига бош-қоронғу бўлган-да.
— Отагинам, онамни қўя туринг. Келинлар қаердан, деб сўрасангиз-чи?
— Сўраш учун сен бировга гап берасанми, қани айтавер-чи?
— Келинпошшалар сиз етиб боролмаган нақ Гирмоннинг ўзидан.
— Гирмондан дейсанми? — у ўрнидан бир қимирлаб олиб, ажабланганини яширмай Асадбекка тикилди.
— Ҳа, Гирмондан, лекин сиз ўйлагандай Гитлернинг жиянлари эмас улар. Ўша ерда қўниб қолган бир ўзбек бойнинг қизлари экан. Ака-ука божа бўлишяпти. Тойчоғингизнинг омади юриб қолган, ҳозир хўрози ҳам тухум қиляпти. Ана энди ўрнингиздан «бисмилло» деб турасизу бир тоғорагина норин, бир челак нишолдани кўтариб, бўрдоқини судраб Гирмонга тўй олиб борасиз. Шалпангқулоқ болангиздан ор қилмасангиз ёнингизга олволарсиз, қўйни етаклаб юрар...

Шорасул ака соғ пайтида Жалил билан унча-бунча ҳазил қилиб турарди. Ҳозир ҳазил гапларга майл билдирмади. Асадбекдан кўз узмаган ҳолда Жалилдан илтимос қилди:
— Сен чиқиб тур, тойчоққа айтадиган гапим бор.

Жалил илтимос оҳангидаги амрга итоат этди. Даҳлизга чиқиб, эшик ортида турган Тўхтахонга «гап пойлаяпсанми?» дегандай қараб қўйди.
— Адангни олиб келармишсан, ростми? — деб сўради Шорасул ака, Жалил чиқиб кетгач.
— Аниқ бир қарорга келганим йўқ, — деб жавоб берди Асадбек. — Биров олиб кел, дейди, биров безовта қилма, дейди. Ҳайронман.
— Безовта қилмаслик яхши-я... лекин олиб келганинг маъқул. Бегона юртларда ётмасин... Олиб келсанг... ёнимга қўй, хўпми, тойчоғим?

Кейинги гапни ёш болага гапираётгандай ширин оҳангда айтди. Отаси қамалган кунлари Асадбек нон дўконида умидвор бўлиб турганида худди шундай ширин оҳангга зор эди. Амаки қаторидаги бу азиз одам ширин оҳангини ўлими олдидан айтиш учун асраб қолганмиди?
— Унгача бир иш қиласан: адангнинг қабридан тупроқ олиб келувдинг, а? Озгинасини онангнинг қабрига тўкувдингми? Қолгани-чи? Қолгани турибдими?
— Ҳа, — Асадбек шундай дейишга деди-ю, ўйланиб қолди. Ўшанда Манзура «Адаси, мозорнинг тупроғини бекорга олиб келибсиз, хосияти йўқ, мозорга олиб бориб ташлаш керак» деган эди. Асадбек «билганингни қил», девди. Ҳозир шуни эслаб «ташлаб юборган бўлса-чи?» деб ўйлади.
— Ўша тупроқдан бир ҳовучини менга атайсан. Кўмаётганларингда гўрковга берсанг, бошимга қўйиладиган гувала устига сочади. У тупроқда адангнинг ҳиди бор-да...

Асадбек Красноярдан қайтганида Шорасул ака уни йўқлаган, тупроқ олиб келганини эшитиб:
— Эсинг борми, тупроғинг нимаси? Ўзини олиб келишинг керак эди, — деган эди.

Ҳозир ўша тупроқни соғиняпти...

Жалил чиқиб кетмаганида бу гапларни эшитиб «Э, отагинам, сиз ҳали кўп яшайсиз», дебми, ишқилиб кўнгилни кўтарувчи бир нарсани айтарди. Асадбекнинг эса, ўртоғидан фарқли ўлароқ, бунақа одати йўқ эди. Касал ётган одамга қараб «рангингиз тоза, кўринишингиз яхши» дея олмасди. Кўп ҳолларда ёнидаги одам гапириб, у қараб тураверарди. Айни дамда бу одатини канда қилмади.

Шорасул ака бир-икки ютиниб қўйгач, ҳориган кўзларини юмди.
— Худо нега мени бунча хорлади, нега бунча кўп азоб берди, биласанми? — деб сўради у кўзларини очмай.

Асадбек «Худо ҳаммага жазо бераркан, жазосиз одам йўқ экан бу дунёда», демоқчи бўлди-ю, гапи қўпол оҳангда чиқиши мумкинлигини фаҳмлаб, индамай қўя қолди.

Шорасул ака бу саволни ўзига кўп марта берган. Фарзандлари бирин-кетин ўлаверганида ҳам, қизи туфайли иснодга қолганида ҳам, бева қолганида ҳам... Саволни берарди-ю, қилган гуноҳларини бир-бир эслаб, сўнг худди тарозига солгандай салмоғига қараб сараларди. «Энг оғири бу, манавиниси мундайроқ», деб ўринларга бўлиб чиқарди. Иккинчи, учинчи... йигирманчи ўринларда гуноҳларнинг жойлари алмашиниб турарди. Аммо биринчи ўриндагиси жойини бош-қаларга бўшатмас эди. Ҳозир ҳам шуни айтмоқчи бўлди:
— Одамларнинг нонига хиёнат қилганман...

Айтишга оғиз жуфтлади-ю, ногаҳон уйғонган бир фарёд фикрини тилга кўчишига йўл бермади.

«Сен буларга бир-икки бурдадан нон бергансан, қолганини ўзинг егансан. Бир бурда эмас, битта ушоқ ҳам сен учун ҳаром эди. Лекин сен бу ҳаромдан хазар қилмадинг, куйдиргингга роҳатланиб единг, еб яна роҳатландинг. Нега хазар қилар экансан, ахир шу ҳаромни еб, тўқ юриш, нафсингни ором олдириш қасдида кирган эдинг-ку бу ишга. Энди ҳаромингга буларни шерик қилмоқчимисан? Агар ўша нон буларга ҳам ҳаром бўлса, сен туфайли гуноҳга ботишади. Ҳозир «одамларнинг нонига хиёнат қилганман», десанг, «Сенларни тўйдириш учун қилдим бу ишни», деган маъно чиқади. Шунда «тойчоқ» деб эркалаётганинг бу одам башарангга тупурса ҳам арзийди. Энди бу одам кечаси билан зор қақшаб нон дўкони ёнида навбатда турувчи бечора бола эмас...» — Шу фарёд туфайли уни ўчган Шорасул ака ҳозир «Искандарнинг шохи бор», деган ҳақиқатни айтолмай қийналган сартарош ҳолида эди. Сартарош-ку, бир иложини қилди, қуриган қудуқни топиб айтди дардини. Лекин Шорасул ака топмади бундай қудуқни. Ёнида чўккалаб ўтирган одам ҳам қудуқ эмас. Бу ҳақиқатни индамай ютиб кета олмайди.

Шорасул ака, Яратганнинг нотавон бандаси, ҳидоят йўлининг қандай бўлишини билмай шу ёшга етди, энди ҳидоятдан бенасиб тарзда бу дунёни ташлаб кетмоқчи.

Бу қадар узун умри йўлида бир иймон эгаси чиқиб унга тавбани ўргатмади, саждага даъват қилмади. Аслида ўзида рағбат бўлмади. Ўзи ҳидоятга интилганда эди, иймон эгаларига йўлиққан бўларди. У тавбани-ку қилади, бироқ, пешона саждага тегмаса бу тавбанинг қадри қанчалик экан, валлоҳи аълам?

Шорасул аканинг ичида бир оғриқ уйғониб, тишсиз милклари билан тилини тишлаб беихтиёр ингради.

Асадбек у томон яқинроқ сурилиб, пешонасига кафтини қўйди. Шорасул ака кўзларини бир очди-ю, аммо нимадандир қўрққандай яна юмиб олди. Мижжаларидан ёш сизиб чиқди.
— Бармоқларим оғрияпти... — деди у инграб. — Зириллаб оғрияпти. Худди оловда қарсиллаб ёнаётган ўтинга ўхшаб қақшаяпти...

Асадбек кўрпа устидаги озғин бармоқларни икки кафти орасига олди. Бармоқлардаги совуқлик унинг вужудига ўтиб, бир титради.
— Буниси эмас, ўнг қўлим. Бармоқларим қақшаяпти... Силаб қўй, болам...

Асадбек ажабланди: «Ўнг қўлни снаряд елкадан узиб ташлаган бўлса, йўқ бармоқлар қандай оғрийди. Алаҳсираяпти... Хаёл кетган шекилли...»
— Эсингдами, мен сени урган эдим. Шу шапалоғим билан урган эдим. Ошиқ тепаётганингда «қимор ўйнама», деб урувдим. Шу бармоқларим қақшаяпти. Сен ўша шапалоқ учун мени кечир. Мендан рози бўл, тойчоқ. Рози бўлмасанг, бармоқларим қақшайверади. Дўзахда ҳам куйиб қақшайди...

Ургани ёдида... Уларга нон берган бу бир қўлли одамнинг орқасидан сўккани ҳам эсида. Аммо... ўнг қўли билан урмаган эди. Чап қўли билан қулоғини аямай бураб, орқасига астароқ тепганди.
— Эсингга тушдими, кечирдингми? — деди Шорасул ака кўзларини очиб. Кўзларининг қорачиғи худди кулга кўмилгандай зўрға кўриниб турарди.
— Тўғри ургансиз ўшанда. Мен сиздан кечирим сўрашим керак.
— Мен сендан розиман. Сен ўзинг учун ҳам, отанг учун ҳам мендан рози бўл, болам. — У яна кўзларини юмиб ингради. — Отанг рози бўлмайди мендан. Эсингдами, отангни олиб кетишгандан кейин мен икки ҳафта сенлардан ўзимни тортиб юрувдим. Ўшанда мен ҳам сўроқ бераётувдим. Мен ожизлик қилдим, қўрқоқлик қилдим. Отангни «Бу халқ душмани эмас», дея олмадим. Отанг раҳматли «немиснинг ҳаммаси фашист эмас, яхшилари кўп, илмда, маданиятда илғор», деган экан. Шу гапни айтмаган, дея олмадим... Худо урушда қўлимни олмай, тилимни, кўзимни, қулоғимни ола қолмайдими?.. Шунча ўқлар бекорга ёғилиб турганида биттагинасини юрагимга санча қолмайдими?.. Бармоқларим қақшаяпти... Ҳа, шу бармоқларим билан қўл қўйиб берганман ўша хатга. Шунинг учун қақшаяпти. Бармоқларим дўзах оловида куйишини бошлади.

Асадбек чап қўлнинг совуқ бармоқларини силади.
— Адам тирик бўлганларида сизни кечирардилар, гина сақламасдилар. Ўша хатга қўл қўймаганингизда ҳам барибир қамашарди, сиз бундан сиқилманг.

Бу гапдан кейин Шорасул ака кўзларини очди. Буткул ўзга оҳангда, ўзга мавзуда гап бошлади:
— Маъракага куёвнинг бир тийини ҳам аралашмасин. Ўзимнинг ҳалолдан топиб, атаб қўйганим бор, Жалил ошнанг билади. Кейин... шу уйни Жалил оғайнингга хатлаб бера қолсаммикин? Каталакда яшамай, маҳаллага кўчиб кела қолсин, хўпми?

Бу фикр Асадбек учун янгилик эмасди.Тўхтахонни кўчириш таклифини айтганида Шорасул ака «Қўй уни, яхшиси ошнанг Жалил кўчиб келсин», деганди. Асадбек ўша суҳбатни эслаб:
— Айтаман-ку... лекин кўнмайди у шалпангқулоғингиз, — деди. — Мени эшакка ўхшатади-ку, асли ўзи эшшакдан ҳам баттарроқ қайсар.
— Бу гапинг тўғри. — Шорасул ака чуқур нафас олди. — Унда Соҳиб сариққа хатлаб берасан. Ўн иккита боласини қайга жойлашни билмай гаранг, у бояқиш.

Асадбек унинг мақсадини англагани учун ҳам «Тўхтахон-чи, қизингиз туравермайдими?» деб сўрамади.
— Энди сен боравер, мен чарчадим, озгина дам олволай.

Асадбек Шорасул аканинг бармоқларини яна оҳистагина силаб қўйиб хайрлашди-да, ўрнидан турди. Остонага етганида Шорасул аканинг овозини эшитди:
— Худо сенга ширин-ширин неваралар берсин, невараларингнинг тўйларини кўр. Отанг кўрмаган бахтни Худо сенга насиб этсин...

Асадбек бу дуони эшитиб, орқасига ўгирилди. Шорасул ака бўйнини буриб, унинг изидан мўлтиллаб қараб турган эди. Бу ҳолатни кўриб Асадбекнинг кўнгли янада вайрон бўлди, кўзларига ёш келди. У айни дамда бир соатгина илгари почтачининг ўлигини қабрдан чиқартириб ташлатаман, деб ҳукм юритаётган дийдаси қаттиқ раҳмсиз одам эмасди. Агар ҳозир Жалил ўша аҳддан сўз очгудай бўлса «Гапинг тўғри, ошнам, ўликда нима гуноҳ, ётган ерида ётаверсин», деб чекиниши табиий эди.

Асадбек даҳлизга чиққач, Жалил билан Тўхтахонни кўриб, ўртоғига савол назари билан тикилди.
— Асад, Тўхтанинг бир илтимоси бор экан, ор-қангга қайтасан, энди ошнам...
— Нега? — Асадбек бу аёлга қарашни истамаётган бўлса ҳам мажбуран қаради.
— Сиз айтинг... биздан рози бўлсинлар...
— Розилик учун ҳам даллол керакми? — деб тўн-ғиллади Асадбек ундан кўзини олиб. — Ўзинг сўрайвер.
— Биз сўрадик, жавоб бермаяптилар...
— Икки мўъминни яраштириб қўйиш савоб, — деди Жалил. — Банда розилик билан кетгани дуруст.
— Шу савоб ўзингга буюрсин, — Асадбек шундай деб дераза томон ўтди-да, унга йўл бўшатди.

Гапни чўзишдан фойда йўқлигини англаган Жалил кўп ўйлаб ўтирмай олдинга ўтди-да, аёлга «юр», деб ичкари кирди. Асадбек эса бу савдонинг нима билан тугашини кутиб турмай ташқарига чиқиб кетаверди. У Шорасул аканинг феълини яхши билгани учун ҳам Тўхтахоннинг кечирилмаслигига ишонарди. Бир марта Асадбек «Тўхта билан гаплашмаяпсизми, кечириб қўя қолмайсизми?» деганида «Онаси кечирмаган қизни мен кечираманми?» деган жавоб эшитган эди. Шорасул ака қизини фақат беҳаёлиги учун эмас, хотинининг исноддан куйиб, бевақт ўлишига сабаб бўлгани учун ҳам кечиролмас эди. Асадбек буни ўша суҳбатдан кейин тушунганди.

Шорасул ака қизини кечирса хотини руҳига хиёнат қилгандай бўларди. Ўртада турган Асадбекнинг гапини икки қилмай қизининг кўчиб келишига розилик берганидан сўнг ўтган кунлари унга азобли бўлди. Қизи уйига қайтди-ю, ўзи азобли, тўлғоқли денгизга ғарқ бўлди. Тўхтахон остона ҳатлаб кириб келган дақиқадаёқ хотинининг руҳи чирқиллай бошлаган каби туюлди. Уйқуларидан ҳаловат қочди. Тушларида хотинининг ғамнок кўзларига термилиб «Қизимизни кечира қол, ёшлик қилган-да», деб ҳам ялинди. Лекин хотинидан садо чиқмади, демак кечирмади. Шу сабабли ҳам Шорасул ака қизининг розилик сўраб айтган зорли сўзларини жавобсиз қолдирган эди.

Асадбек кўча эшигига қадар кузатиб чиққан куёвга «хайр» ҳам демай, машинага ўтирди. Ҳалимжон «Жалил ака ҳам чиқадиларми?» деган савол назари билан хожасига қараб жавоб олмагач, таваккал қилиб машинани юргизмоқчи бўлди.
— Тўхта, аканг чиқмайдими? — деди Асадбек уни жеркиб.

Жалил узоқ қолмади. Машинага чиқиб ўтиргач, Асадбек «Ҳа, рози бўлдими?» деб сўрамаса ҳам ҳисоб берди:
— Чол қайсар, кўнмади.

Асадбек ўртоғига «Аҳмоқ бўлмасанг ўртага тушармидинг?» — деган маънода қараб қўйди. Жалил бу қарашдаги маънини уқмагандай худди ўзига ўзи гапирган каби давом этди:
— «Онасидан сўрамаган розиликни мендан сўрайдими, оқ сутни мен эмас, онаси берган», деди. Мен бир нима дея олмадим. Тўхта қўрқяпти, бу норизолик болларимга урмасайди, деб ташвишланяпти.

Асадбек бу гапларни эшитмагандай девор бўйи тахлаб ташланган пишиқ ғиштларга имо қилиб сўради:
— Куёв боланг уй қурмоқчими?
— Шунақадир. Нима эди?
— Овора бўлмасин, айтиб қўй: жанозадан уч кун ўтгач, келган ерларига кўчиб кетишади.
— Сен ҳам ўжарсан.
— Бу менинг ҳукмим эмас. Уй Соҳиб сариққа қоларкан.

Бир оз юришгач, Жалил машинани тўхтатиб, «Укамда ишим бор», деб тушди-да, эшикни ёпмай туриб:
— Менга қара, сенам бир фаросатингни ишлатгин, номаҳрам деган гапни тушунасанми ё йўқми, даюс эмассан-ку, ахир, — деди. — Хўп, илгари майли эди, энди келинларинг бор. Лайчангни бошқа ёққа боғла, ғар кўзини лўқ қилмай юрсин.

Бу гапни эшитиб Асадбек машинадан тушди-да, Жалилга яқинлашгач билагидан ушлаганича бир-икки қадам нари юрди. «Лайча» дейилганида ким назарда тутилганини англаб турса ҳам:
— Ҳайдарни айтяпсанми? — деб босиқлик билан сўради.
— Ҳа, яна бошқа лайчанг борми?
— Энди... ошнам, ҳадеб унга ёпишаверма.
— Намунча?! —Жалил жириллашини бошламоқчи эди, Асадбек билагини қаттиқроқ қисиб, силтади:
— Гапни эшит: Ҳайдар ёмонми-йўқми, сендан кўра яхшироқ биламан. Ҳайдар билан орамизда дўстлик йўқ, иш бор. Шунинг учун сен тинч юр. Илгари осилсанг ҳам энди осилма. Энди у... — Асадбек «хўжайин» деб юборишига салгина қолди. Гапни бошлашга бошлаб қўйиб якунлашга тараддудланганини сезган Жалил унга тик қаради:
— Ҳа, тинчликми? Гапиравер.
— Энди у бошқа одам, — деди Асадбек.
— Унинг ўлганда ҳам бошқа одам бўлмайди.
— Сен ҳам одамга ўхшаб бир марта «хўп» дегин. Сен учун у энди йўқ, ўлган, кўмиб ташланган, билдингми?
— Билмадим. Очиқ гапир, нима бўлди? Масковдан келишинг менга ёқмай турибди.
— Ҳозирча «хўп», деб туравер, қолганини кейин билиб оласан. Энди боравер, уканг соғиниб, ичикиб ўтиргандир.

Асадбек шундай деб изига қайтди. Жалил эса турган ерида унинг орқасидан қараб қолди.

X боб

1

Ҳаммаси ортга чекинди: ота-онасининг мунгли нигоҳи ҳам, Ноиласи билан баҳслашувлари ҳам энди безовта қилмай қўйди. Бел томонга азоб бераётган оғриқ камайиб, уйқули дамларидан кўра уйғоқ соатлари кўпайди. Беҳисоб дориларнинг кучидан карахт бўлсада, ўтмиш воқеаларни идрок этишга уринди. Ана шундай онларда Зелихоннинг «нодонсан, сен бола» деган гапини эслади. Қамоқдан чиқиб учрашганларида Зелихон бу гапни эркалаш оҳангида айтган эди. Асадбекнинг гапини икки қилмай эски ҳовлига келиши, унинг ҳукмига итоат этиб, узатилган тўппончани олганича ташқарига чиқишини ҳар эслаганида Зелихон энди эркалаш ўрнига жаҳл билан «Нодон!» деб сўкаётгандай туюлаверди. Аслида Зелихон эмас, «Қасоскор ҳам шунчалар аҳмоқ бўладими!» деб Элчин ўзини ўзи сўкарди. Сўка-сўка қанча ўйламасин, Асадбек мақсадининг тагига ета олмаётгани баробарида Жамшиднинг пайдо бўлиб қолиши сабабини англашга ҳам ожиз эди. Уй-ғонган турли гумонлар оқимлари унинг эсини тескари қилиб юборди. Дастлаб «Асадбек жонимни олишга юбордими буни» деб ўйлади. Қимирлашга ҳам ҳоли йўқ дамда шунинг қўлидан ўлим топмоғи унга алам қилди. «Эй Худо, менинг азроилим шу жаллод бўлса, майли, олсин жонимни, аммо озгина фурсат бер менга, ўзимга келиб олай, менга озгина куч-қувват ҳам бер, ўлсам-да, олишиб ўлайин!» деб нола қилди.

Зелихон Сочидан телефон қилиб «Жамшид тирик» деганидан сўнг асадбеклар оламининг найрангига тушунмай гангиб юрган Элчин ҳайрону паришонлик гирдобига янада тортилди. Жамшид «Ҳофиз ака», деб чақиргач, «ўлдирмайди шекилли, жон оладиган одам чақириб ўтирадими?» деб ўйлади. Жамшид чиқиб кетгач эса: «Нега чақирди? Биз Зайнаб билан топишдик, сиз ўлимингизни кутиб шу ерда ётаверинг», демоқчимиди?» деган хом хаёли ҳақиқат мақомига кўтарила бошлади. «Зайнаб энди келмайди», деган фикр бу ҳақиқатга қувват берди. Сўнг тақдирга тан бериб Зайнабни оқлади: «Ташлаб кетишга ҳаққи бор. Агар шу мараз унга бахт беролса, бахтли бўлишга ҳам ҳақли!» Элчин шундай тўхтамга келишга келди-ю, бироқ, «бир қўли билан жонимни олиб, мени бахтсиз қилган одамга иккинчи қўли билан қандай бахт тутсин?» деган саволга жавоб топа олмади.

Ҳамширанинг «гапирмасалар ҳам керак» сўзларини эшитгач «Қани эди, ҳам кар, ҳам кўр бўлиб қолсам», деган армон уйғонди. Ҳамшира айтмаса-да, гапиролмаслиги унинг учун янгилик эмасди. Уни ҳушсиз деб ўйлаган дўхтирнинг «умуртқа шикастланган, бир умр ҳаракатсиз ётади, тилдан ҳам қолади», деганини эшитган эди. Шу сабабли йўқловчилар келиши билан беихтиёр равишда чалажон каби кўзларини юмиб олаверди. Ҳеч ким йўғида эса бармоқларини қимирлатишга уринди. Оёқ панжалари ҳам ҳаракатга келгандай бўлди. Гапирмоқчи бўлди, ғўдираган товушини ўзи ҳам эшитиб, енгил тортди. «Дўхтирларнинг ҳамма гаплари бекор», деб ўзини ўзи овутди. Жамшид келиб кетганидан сўнг Зайнабни кутди. Ҳатто «иккови бирга келса фотиҳа бериб юбораман», деб ҳам ўйлади. У қайнотасининг «менинг энг катта хатоим — сени ўлдиртирмаганим», деган гапини унутмайди. Шунга кўра, ҳали бу аҳволга тушмай туриб, «менинг энг катта хатойим шулар билан ўчакишганим бўлди, қизига уйланиб, паст кетдим», деган фикри қатъийлашган эди. Бу ерда ётиб хуши ўзига кела бошлагач, бу ўйиндан, бу даврадан чиқиш йўлини излади. Назарида биринчи қадами — Зайнабнинг жавобини бериш эди. Зайнаб кўнглида илиқлик уйғота бошлаган бўлса-да, «ундан айрилиш азоби юрагимни парчалаб ташламас», деб ҳисоблади. Асадбек оламидан қутулиш бахтининг саодати хотиндан айрилиш паришонлигидан улуғроқ туюлди. Зайнабдан ажралиш аҳди жон бериш ҳукми билан баробар эканини унинг ноқис ақли фаҳм этмас эди.

Элчин узоқ йиллар давомида муҳаббат оловлари ҳақида ашулалар айтиб юргани билан одамларнинг қалбини билмас эди. Айниқса аёл қалбининг қудратини, ундаги руҳ тўлқинларини ҳис эта олмасди. У «Зайнаб аламзада, мени ҳеч қачон кечирмайди», деб ўйлаб янг-лишмаган эди. Тўғри, Зайнаб қалби тўридаги умид чиннисини синдирган, тупроққа қорган одамни кечирмас эди. «Муслима кечиримли бўлмоғи керак, Оллоҳнинг розилиги учун гуноҳидан ўт, кек сақлаш дуруст амаллардан эмас»лигини билганида ҳам, тақдиридаги машъум кунларни унута олмасди.

Бироқ, унда Элчиндан қасос олиш режаси йўқ эди. То турмушга чиққунига қадар, аниқроғи, «Сиз... ўшами?» дейилгунига қадар унда қасос ўти мавжуд эди. «Отам мени хорлаган йигитни топсалар уни ўзим ўлдираман», деган аҳди бор эди. Қийнаб ўлдиришнинг турли йўлларини ўйлаб, топиб ҳам қўйганди. Лекин ўша хорлаган одамнинг қийшиқ бармоқлари никоҳ кечаси ўзини ошкор қилган дамда бу аҳди — қарори бўғилди. Бу аҳдга нисбатан «Эрга итоат этмоқ» деган ҳаёт қонуни устунлик қилди. Жамшидга бўлган муҳаббати хуружга кирган дамларда ҳам ўша итоат қонунига омухта бўлган эрлик жувон ҳаёси вужудидаги ўч оловини ўчириб турди. Элчин хотинига хос бу фазилатларни билмас, ҳис қила олмас эди.

Шу сабабли ҳам кейинги сафар Зайнаб ёлғиз кириб келганида ажабланди. Ярим очиқ эшикка қараб, Жамшиднинг қораси кўринишини кутди. Зайнаб эрининг эшикка тикилиб қолганини кўриб, орқасига ўгирилиб қаради. Сўнг ҳайрон тарзда «тузукмисиз?» деб сўради. Элчиннинг «раҳмат» дейишга қурби етарди. Бироқ, гапиришни истамай, киприк қоқиб «ҳа» ишорасини қилди. Улар соғ пайтларида ҳам узоқ суҳбатлашишмас эдилар. Шунда Элчин ўзида бир масъулият сезиб, Зайнабни қизиқтириши мумкин бўлган воқеаларни баён қилиб ўтирарди. Ҳозир бундай зўраки суҳбатга хоҳиш ҳам, қувват ҳам йўқ эди.

Ҳамшира кириб, бир-бирига тикилиб турган эр-хотиннинг унсиз суҳбатини узди.
— Эрталаб эрингизнинг жиянлари келишувди. Профессорга ҳам учрашишди. «Жавоб тегадиган бўлса олиб кетамиз», дейишди. Профессор айтдиларки, буни фақат сиз ҳал қилар экансиз?

Бу гапни эшитиб, Элчиннинг қалби бир қалқиб тушди. Ўзи ҳам сезмаган ҳолда хотинига нажот кўзлари билан қаради. Яқингинада хотинининг жавобини бериб, уни Жамшиднинг ихтиёрига узатишни ўйлаб ётган Элчиннинг юраги «Йўқ!» деб фарёд ургандай бўлди. Айни фарёд Зайнабнинг кўкрагини зириллатди. Чувриндининг хотини «Бояқиш оёқ-қўлсиз, тилсиз нима қилади, бу азоблардан кўра Худо жонини ола қолмайдими?» деганида Зайнаб ундан ранжиган эди. «Оёқсиз-қўлсиз бўлса ҳам у менинг эрим-ку?!» деганди. «Энди жиянлари эга чиқишмоқчими? — деб ўйлади Зай- наб. — Ҳа... хотини ташлаб кетади, хор қилади, дейишаётгандир-да...» Зайнаб хаёлида уйғонган бу фикрни ҳамширадан эшитгандай, унга норози қиёфада қа- ради:
— Бу киши менинг эрим, биласиз, а? — деди зардали овозда. Бу овозда Асадбекнинг руҳи сезилиб, Элчин енгил титраб олди. Зайнаб эридаги ўзгаришни сезмай, ҳамширадан, кўзларини узмаганича гапини давом эттирди: — Бу кишининг уйлари бор, оилалари бор. Жиянлари яна келишса шундай деб қўйинг. Рухсат теккан куни ўзим олиб чиқаман. Сиз эса... — Энди Зайнабнинг овозидаги қатъийлик кучайди. — Айтилган ишни қилинг: касалнинг олдига ҳар хил қаланғи-қа-санғиларни қўяверманг.

Зайнаб «тўғри қиламанми?» дегандай эрига қаради. Ундаги отасига хос мардлик Элчиннинг руҳини тамомила парча-парча қилиб ташлади. Кўзлари ёшга тўлиб, киприклари пирпиради. Зайнаб эрининг бош томонидаги стулга ўтириб олгач, қўлидаги тугунни ечди. Қайноғи салгина босилган қайнатма шўрвадан ичирмоқчи бўлди. Зайнаб «бу киши менинг эрим» деганидаёқ кўкрагида уйғониб, бўғзига қадалганича туриб қолган фарёд шўрвага йўл берармиди? Зайнабнинг зўри билан икки қошиқни амаллаб ичди-ю, бош чайқаб «ичмайман» ишорасини қилди.
— Дўхтир «кучлироқ овқатга ўтиш мумкин», деди. Эртага димлама қилиб келайми? — деб сўради Зайнаб.

Ҳамма эркаклар «ўлдирса ҳам паловхонтўра ўлдирсин», деганда Элчин «таомларнинг подшоси димлама», деб ҳисобларди. Баъзан ҳафсала қилиб икки кишилик димлама тайёрларди. Зайнаб шифохонада ётганида ҳам фақат димлама пишириб келарди.
— Сизчалик ширин пиширолмасам ҳам уриниб кўраман, — деди Зайнаб жилмайиб. Бу жилмайиш Элчиннинг илиниб турган жонини жойига қайтарди. У шукрона маъносида енгил хўрсинди. Шу хўрсиниш бўғзида тош каби тиқилиб турган фарёдни йўқот- ди-ю, Элчин ҳам хотинига жилмайиш билан жавоб берди.

Зайнаб кетганидан сўнг Элчин ўзини соппа-соғ ҳис қилди, ўрнидан турмоқни, қанот чиқариб уйга қараб учмоқни истади.

Тунда эса ширин бир туш кўрди: тоғнинг лолазор бағрида Зайнаб билан қувнаб юрганмиш. Зайнабнинг қўлида ширин бир бола эмиш. «Бу кимнинг боласи?» деб сўрармиш Элчин. «Ўзимизники» — Зайнаб шундай деб қувнармиш. «Ўлик туғилди», дейишганди-ку?» «Сизни алдашган». Элчин ҳам қувнаб-қувнаб яйрабди...

Уйғонди-ю, кўнгли яна хиралашди. Ўлик туғилган боласини кўмган куни ўз-ўзидан тилга келган марсияни эслади. Элчин ўша куни ёлғиз ўзи уйига қайтиб, беихтиёр тарзда қўлига тор олган, ўзига бўйсунмаган бармоқлари «Гиря»нинг пардаларини топишни ирода этган эди. Куйга монанд равишда йиғлагиси келган, аммо йиғлай олмаган эди. Ўшанда «Гиря» тиниб, ундан-да маъюсроқ куй тарала бошлаган эди, тилидан эса ундан-да қайғулироқ сатрлар учган эди.

Ай, бағримни тиғлаган болам,

Ай, дунёга сиғмаган болам,

Ай, дунёнинг бевафолигин

Гўдакликдан илғаган болам...

Элчин бу сатрлар қаердан қуйилиб келаётганини билмади. Бармоқлари лозим пардаларни ўзлари топганлари каби, тил ҳам зарур сатрларни ўзи баён қиларди:

Қайдан келиб, қайга йўқолдинг,

Аччиқ-аччиқ ўйларга солдинг,

Онангнинг ё менинг гуноҳим

Қай бирининг касрига қолдинг.

Ноиласининг ўлимидан сўнг қамоқхонада тақдири ҳал бўлишини кутиб ётганида худди шунга ўхшаш марсия қуйилиб келган эди. Хаёлида туғилган марсиянинг сўзлари, куйи тилга чиқмай, бунинг эвазига кўз ёшига айланиб ёноқларини ювган эди.

Бу сафар ҳам шундай бўлди. Кўз ёшларига сингган марсиядан ёноқлари куйди. Уйғонган дардини эса яна қалбига дафн этди.

2

Эрининг қариндошлари айтиб кетган гап Зайнабнинг ҳамиятига тегиб, ғазабини уйғотди. У «ногирон эрни ким олиб кетади?» деган муаммо уйғонар, деб сира ўйламаган эди. «Бунақа нотавонни бошимга ураманми, баттар бўлсин, ким олиб кетса-олиб кетаверсин. Худонинг ўзи мени ундан қутқарди. Ёш умримни хазон қилиб жинниманми, энди хоҳлаганимга тегаман...» дейиш у ёқда турсин, бунақа бемаъни гаплар ҳатто хаёлига ҳам келмаган эди. Отаси каби ўжарлик ғазаб ўтларида ёниб турса-да, онаси сингари тобелик, эрга итоат унинг ҳамишалик йўлдоши эди. Тўғри, у Жамшидни севди. Аммо ҳаё қўрғонидан чиқмади. Бу тарзда севмоқ айб эмас, балки жувоннинг ўзи учун мислсиз бир азобдир. Қора дорининг хумори кучи билан Мардона бошлаган ботқоққа қадам қўйди, бироқ, ботмади. Чунки она томонидан ҳам, ота томонидан ҳам етти пушти тоза эди. Кишининг ақли бовар қилмас насл қуввати уни сақлади. Эри ўлиб кетган тақдирда ҳам унинг руҳи рўпарасида виждони қийналмас эди.

Эри ўлмай қолди. Қўлсиз, оёқсиз, тилсиз бўлса ҳам эри бор. Зайнаб бунинг учун Яратганга шукр қилмаса ҳам, хотинлик мажбурияти юзасидан нотавон эрга қаноат этмоғи лозимлигини биларди. Била туриб, уни парваришлашга ҳозирлик кўрарди.

Бўлажак заҳматларга ўзини руҳан тайёрлаган дамда қандайдир қариндошлар эрини олиб кетишмоқчи бўлишса? Уларнинг бу ҳаракатларини Зайнаб ўзи учун ҳақорат деб билди. «Кимсан, Асадбекнинг ёлғиз қизи бўлса, эрга қарамайди, хорлайди» — Зайнабнинг назарида улар дўхтирга шундай деб, ўз даъволарини асослашга уринишган. Жувоннинг алами айнан шундан эди. «Эримни олиб чиқсамми ё йўқми?» деб иккиланганида ҳам уларнинг бу ҳаракатлари, бу гаплари ғазабини қўзғотмаган бўларди.

Бу гап-сўзлар бўлиб ўтганда Манзура Олмонияда эди. Унинг қайтишини сабрсизлик билан кутаётган Зайнаб ҳасрат дафтарини варақлаб, онасига дардларини айтиш умидида эди. Акаларини нима сабабдандир Москвада қолдириб келган онаси, келин аяларининг юзларидаги маъюслик уни бу ҳаракатдан тўхатди.

Ҳасрат дафтарининг очилмаганига яна бир сабаб бор эди. Ўша куни эрининг қариндошларидан ғазабланиб, ота уйига қайтди-ю, юраги тошиб кетаверди. Уйга ҳам, ҳовлига ҳам сиғмади. Ғойибона бир куч уни шифохонага тортаверди. Шунда отаси зиёфат берганда хизмат қиладиган ошпазни чақиртирди-да, димлама пиширтирди. Шомга қолмай қайноқ овқатни кўтариб, шифохонага жўнади. Унинг назарида уйдаги димлама пишгунча эрининг қариндошлари ишни пишитиб, уни олиб кетишгандай эди. Эри ётган хона эшигини очиб, уни жойида кўргунига қадар юраги ҳаприқиб кетаверди.

Ҳамшира боя ташлаб кетилган қайнатмани иситиб ичираётган эди. Шу дамда Зайнаб эрини ундан-да қиз-ғанди. Ҳамширани чиқариб юбориб, шўрвани четга суриб қўйди-да, эрини димлама билан сийлади. Элчиннинг овқатланишидан кўнгли жойига тушди. Зайнаб лабларини артиб қўяётганида Элчин ўзи ҳам кутилмаганда «раҳмат» деди. Паст овозда айтилган бу сўз Зайнабнинг қулоқларига ажиб бир роҳатбахш жаранг билан урилди.

Кейин келганида ҳам айтилди бу сўз. Ундан сўнг эса эри дудуқ бола каби тилга кириб, «Зайнаб... ке-чиринг...» деди. Шундан сўнг Зайнабнинг саодат юлдузи чекинмоқдан тўхтаб, бахтиёрлик осмонида чарақлай бошлаган бўлди.

Онаси, келин аялари келишганда эрининг тақдиридан сўз очмади. Манзура «Эринг кўринмайдими?» деб сўраганида «сал тоблари йўқроқ», деб қўяқолди. Манзура куёвининг қандай хасталик билан оғриганини суриштирмади. Чўғ тегиб қовжираган соч толасидай бўлиб қолган қизининг кўриниши уни ташвишлантирди. «Ўзинг тузукмисан? деб бағрига қайта-қайта босди. Зайнабнинг кулимсираб «Яхшиман, ойи», дейишидан хавотири босилиб «балки боши қоронғудир», деб гумон қилди. Бу нурли гумон хуфтон дилини ёритиб, «есон-омон қутулиб олишини» Худодан сўради.

Булутлар билан олишиб чарчаган қуёш уфққа умидсиз равишда бош қўйди. Зайнаб, табиат одатига хилоф бўлса-да, бу сафар қуёшнинг ботмаслигини, шом, сўнг хуфтон кирмаслигини истарди. Чунки шом кириши билан йўқловчиларнинг қадамлари узилади. Сўнг эса ширин сўзлари, ширингина жилмайишлари билан Зайнабнинг хуфтон кўнглини ёритаётган келинлар ҳордиқ чиқармоқ учун уй-уйларига кириб кетадилар.

Шунда... Зайнаб онаси билан ёлғиз қолади. Узоқ вақт дийдор кўришмаган, ҳар дақиқаси соғинч азоби билан ўтаётган она билан қизнинг ёлғиз қолишлари одатда саодат ҳисобланади. Агар онаси йўқлигида шум кўргиликлар балчиғидан ўтмаганида балки Зайнаб учун ҳам шундай бўларди. Бу кеч эса онаси билан юзма-юз ўтириш бахтни эмас, руҳ азобини ваъда қиларди. Шубҳасиз, онанинг сезгир нигоҳи фарзанду аржумандининг ич-ичини кемираётган дардни пайқайди. Дардга рўпара қилган сабабни билмоқни истайди. Ўшанда Зайнаб нима деб жавоб беради? Мардонанинг макрига учраганиними ё отасига шармандали ҳолда кўринганиними? Ё отасининг арқондан сиртмоқ ясаганиними? Балки Мардонани ўлдириш қасдида бориб, уддасидан чиқолмаганини баён қилиб берар?

О, йўқ! Она қиз учун энг яхши ҳамроз бўлса-да, дард дафтарининг бу қора саҳифалари унга очилмайди. Бу сирни билувчилардан тўрттаси тупроқ остида ётибди. Энди заққум дарахтининг мевасидан ҳам аччиқроқ бўлмиш ғам болини фақат ота-болагина баҳам кўради. То сўнгги нафасларига қадар ўлчаб қўйилган бу ғам болига Манзуранинг шерик бўлишини Асадбек ҳам, Зайнаб ҳам исташмайди.

Зайнаб Элчин томонидан ўғирланиб, уйга ташлаб кетилгач, нима воқеа юз берганини онасига неча юз минг азоб билан зўрға айтганди. У воқеа қиз учун шармандали бўлса-да, Зайнабнинг айби йўқ эди. Шунда ҳам бир неча сўзни айтгунча қизнинг тили гўё чўққа айланиб, куйган эди. Энди-чи, энди қандай айтади?..

Сиртмоқ ясаб, ташлаб чиққан отаси қайтиб келиб, уни бағрига босган, бу билан гуноҳидан ўтганини маълум қилган бўлса ҳам, Зайнаб ўзини ўзи кечиролмас эди. Узоқ йиллар Кумуш бўлишни орзу қилган қиз, сўнг эса китобдаги Зайнабдан ҳам баттарроқ аҳволга тушган бахтсиз жувон ўз тақдирининг тушунуксиз сатр-ларидан ҳайрону лол қоларди. «Ўлайин десам ўлим олмаса, ҳеч бўлмаса Зайнабга ўхшаб ақлдан оза қолмайманми?» деб ўйларди. Кейин... унинг синиқ кўнгли бир тошга дуч келишни истади. Тошга қараб: «Ёрилгин тош, ёрилтошим ёрилгиней, мен бағрингда паноҳ топайин», деса-ю, тош унинг илтижоларига чидай олмай ёрилса-да, ёрилтош қучоғига кириб, ўткинчи дунё ўтгунича унда қолиб кетса... Ёшлик сурури тупроққа қорилган, Кумушбиби эмас, «Тупроқбиби» «мартабаси»га етган жувон энди болалик умидларидан паноҳ изларди. Умидлари пуч эканини билса-да, ғойибдан мўъжизали паноҳ кутарди.

Бир донишманд ҳаётни тумшуқ томони йиртилиб, оғзи очилиб қолган этикка ўхшатган экан. Этик оч одам каби оғзини очиб тургани билан унга биров таом бермайди. Аксинча, менсимай тепиб ўтади. Ўша этикни бахтга ташна одамга ҳам ўхшатиш мумкиндир... Ҳар ҳолда Зайнабнинг ҳаётдан бахт кутиши шу ҳолатни эслатади. У ғойибдан ўз саодатини кутарди. Ғойибдан келувчи «сенинг бахтинг отангнинг нафси учун қурбон бўлган», деган садони эшитмас, эшита олмас эди.

Ўзигина эмас, отаси, онаси ҳам эшитмас, эшита олмас эдилар. Чунки ғойибнинг бу каби овозларини ҳидоят йўлидагиларгина эшита олишлари мумкин... Ҳидоят йўлидагилар эса фарзандлари бахтини ўз нафс-лари йўлида қурбон қилмаслар.

Зайнаб хавотир билан кутган кеч сел каби ёпирилиб кирди. Меҳмонлар тарқалишди. Манзуранинг изни билан келинпошшалар ётоқларига йўналишди.

Келин аяларини кузатган Зайнаб меҳмонхонага қайтиб, диванда ўтирган онасининг ёнидан жой олди-да, эрка қизалоқ каби уни қучди. Кўкрагига бош қўйди. Манзура қизининг сочларини силаб, ўпди.

Кун бўйи қуёш эплолмаган юмушни кечки шамол оппа-осон ҳал қилди: бир озгина ёмғир ёғишга имкон бергач, сўнг бош кўтариб, булутларни ҳайдаб осмонни тозалаб қўйди. Қизининг сочларини силаб ўтирган Манзура дераза оша осмонга қаради-ю, енгил хўрсиниб «Етқизганингга шукр», деб қўйди. Зайнаб бошини кўтариб, онасининг кўзларига боқди.

Яратган Оллоҳ оналарнинг митти қалби, қалбидан-да кўра миттироқ кўзларини ўзига хос бир қудрат ва ажиб мўъжиза билан беҳад чидамли қилиб яратган. Агар Тангри таолонинг бу мўъжизаси бўлмаса дунёга сиғмаган ғам-ташвиш митти юракка, юракдан-да миттироқ кўз қорачиғига сиғармиди...

Манзура шу пайтга қадар кўргуликлардан бировга ҳасрат қилмаган. Айтгандамиди, ҳасратини эшитган одам, унга душманлик аҳдида бўлса ҳам, ачиниб, «бундан кўра келинлик чоғингиздаёқ эрингиз қиморга ютқизиб юбора қолса минг марта яхши эди, бунчалик кўп азоб чекмасидингиз», демоғи шубҳасиз эди.

Ҳозир ҳам қизи онанинг кўзлари тубига яширинган ташвиш вулқонини кўрмади. Онасининг енгил хўрсиниб қўйиш сабабини билмай:
— Ҳм, ойи? — деб сўради.
— Янги Ой чиқибдилар, — деди Манзура, дераза оша осмонга қараб. — Ўзларига тинчлар, элга нотинч... Худо сақласин ҳаммамизни.

Манзура шундай дегач, қўлларини фотиҳага очиб, пичирлаганича узоқ дуо қилди. Ой янгиланганида онасининг «Янги Ой чиқибдилар», деб сизлаб гапириши, сўнг дуо қилиши Зайнаб учун янгилик эмас. Бундай ҳолатни кичиклигидан кўравериб, дуо фақат ҳилол кўринганида қабул бўларкан, мавҳумликка эмас, айнан ҳилолга топинмоқ керак экан, деган янглиш ўйда, у ҳам баъзи-баъзида Худодан сўрайдиганларини сўраб оларди. Ҳозир ҳам унсиз равишда онасига қўшилди.

Дуодан сўнг Зайнаб онасининг саволга тутиб қолишидан чўчиб «У ёқнинг тўйи қандоқ бўларкан, айтиб беринг», деб қистади.

Тўй манзараси туширилган видеокассетанинг Москвада қолган жомадонларда эканини эслаган Манзуранинг кўнгли хираланди-ю, аммо паришонлигини қизига сездирмасликка интилиб, таассуротлари баёнига берилди.

Зайнаб хавотир билан кутган нохуш ҳолатдан шу тахлитда қутулиб қолди.

3

Чўлпоной ҳам, Муштарий ҳам ота-оналарининг таърифларига кўра, «Совет Иттифоқи» деб аталмиш мамлакатни эртакларда тасвир этилган қизил аждаҳо салтанати каби деб билар эдилар. Ота-оналарининг Ватани бўлмиш юртини босиб ётган бу аждаҳонинг бошларини узгувчи бир баҳодир чиқармикин, деб улар ҳам орзу қилар эдилар. Фақат суратларинигина кўрган бу юртга уларнинг дилларини қандайдир бир куч тортиб турарди. Бир куни дадалари ҳасратли оҳангда:
— Юлдузларим, киндик қонлариниз бурая тўкилмиш ўлса-да, чин Ватанларингиз Ўзбекистондир. Ўзбекистон — бизим галбимиз, бизим умидимиз юлдузидир. Оллоҳ жаннатдан бир улуш олиб, бизим ажадодлара Ватан қилиб вермиш экан. Бу Ватан — Ўзбекистондир. Манда тунда Ватан, деб кўз юмиюрман, субҳи содиқда эса яна Ватан, деб кўз очиюрман. Оллоҳнинг номидан сўнг энг суюкли сўз мен учун Ватан — Ўзбекистон! Вақти келибким, барча сўзларимни ёддан чиқарсаларингизда, менинг бу сўзларимни унутмакдан тийилиниз, — деган эди.

Музаффархон Ватанга йўл кўрсатар, деган умидда йўлчи юлдуз — тонг юлдузига умид қилиб, қизининг исмини Чўлпоной қўйган эди. Қизлар буларни билишарди. Билишгани учун ҳам Ўзбекистонга келин бўлиб боражаклари ҳақидаги хабарни бир оз хавотир, айни дамда жиндек шодлик ила кутиб олдилар. Уларнинг хавотирлари қизил аждаҳо эгаллаб ётган юртга боришдан бўлса, шодликлари «бизим баҳонамиз ила ота-онамиз Ватанга етишурлар, юлдузлари чиндан-да чақнар», деган ўйда эди. Бўлажак куёв болалар билан танишиб, гаплашишгач, хавотирлари анча чекинди. Бўлажак қайноталарини қандай юмушлар билан банд экани, Тангри бу юмушлар эвазига қандай ажрлар тайёрлаб қўйгани, улар учун шубҳасиз мавҳум эди.

Бу ёруқ оламда яшаб турган одам, истиқомат еридан, сиғинаётган динидан қатъи назар, бирон жойга бормоқ истаса, ақли етган даражада режалар тузади. Бироқ, Оллоҳнинг истаги тамоман ўзгача бўлмоғи мумкинлигини ўйлаб кўрмайди. Ғофил банда мўлжалидаги тадбиру режалари амалга ошмаса-да, яна ўз ақлининг маҳсули бўлмиш тадбирларидан умид қилаверади. Донолар деб эканларким: «Қул тадбир олади, бироқ, тақдирнинг қайси марказда бўлишини билмайди. Тадбир эса Яратганнинг тақдири рўпарасида маҳв этилажакдир».

Ватан ҳавосининг гадоси Музаффархон ҳам, Гулузор бегим ҳам ўз тадбирларидан бахт кутган нодон қуллардан эдилар.

Ровийлар дерларким: Иброҳим Адҳам Балҳда подшоҳлик мартабасида эканида овга чиқиб, бир жайрон изидан от солибди. Жайрон бечора қочаверибди, у эса қуваверибди. От чарчаб, ҳолдан тойгач, жайрон тўхтаб, инсон сингари тилга кириб, дебдики: «Қувишни бас қилсанг-чи, эй ғофил банда! Сен бу иш учун яратилмагансан. Сени Оллоҳ мени овламоғинг учун бор этмади. Менга етиб олиб, овлаган тақдирингда нимага етишасан?» Бу гапни эшитган Иброҳим Адҳам ҳақиқатни англаб, подшоҳлик либосларини чўпонлик кийимларига алмаштирган экан.

Афсус шуки, бу ҳақиқатни англамак бахти ҳам барчага насиб этавермайди.

Ота-оналарининг тадбирлари туфайли бахтга етишажакларига ишонган икки қиз чарчаган бўлишларига қарамай ухлай олишмади. Ой нурида ялтиллаган шиллиқ қуртдан қуёш ясаб бўлмаганидек, ота-оналарининг тадбиридан бахтга етишолмасликларини англаб етмаган қизларнинг ҳар бири бўлиб ўтган воқеаларни ўзларича таҳлил этардилар. Қизларини кўзларининг икки гавҳари сингари авайлаган Музаффархон уларга юқори мақомда одоб бермоқ мақсадида исломни қабул қилган немис аёлини тарбиячиликка ёллаган эди. Физика илмидан эътиборли олималардан ҳисобланган фрау Хелга исломнинг илмий мўъжизалари билан танишгач, университетдаги вазифасини тарк этган, ҳатто исмини «хоним Хадича» деб ўзгартирган эди. Тарки дунё қилув ниятидан узоқ бўлмиш бу аёл илмдаги ёлғон, нотўғри йўналишлардан йироқ юрмоқни истаган эди.

Музаффархон ҳам замонни, ҳам исломни билувчи аёлнинг қизларига тарбия бермоғини орзу қиларди. Бу муаммони доктор Худоёр осонгина ечиб берди. Ота-она бир, ҳатто тарбия мезони бир бўлгани билан қизларнинг феъллари айри-айри эди. Чўлпоной руҳан хоним Хадичага яқин эди. Унинг сўзларини ҳамиша бутун жону дили билан берилиб тингларди. Унинг ҳар бир гапини ҳатто ҳақиқат тарзидан қабул қиларди. Муштарий эса, аксар ҳолларда бу гапларни зерикиш азоби билан тингларди.

Асадбекнинг хонадонида, келинлик кўшкида биринчи тунни ўтқазаётган опа-сингилларнинг хаёллари олган тарбияларига монанд равишда эди. Чўлпоной куёв тўраларнинг Москвада олиниб қолинишларининг асл сабабини билмаса-да, бу ҳаракат замирида зулм ётганини ақли билан ҳис этарди.

Чўлпоной бойлик бахт эмаслигини яхши тушунарди. Хоним Хадичанинг «Улуғ Оллоҳ Фиръавнга тўрт юз йиллик умр, мол-мулк, шоҳлик ва унинг бошқа турли орзулари адосини насиб этди. Буларнинг барчаси фароғат эмас, балки уни Оллоҳ ҳузуридан узоқлаштирган нарсалар эди. Фиръавнга ҳатто бош оғриғи ҳам берилмадики, оқибат у Ҳақни эсламай ўтди. У ўз муроди билан банд бўлди ва Яратганни хотирламади», деганларини тез-тез ёдлайди, ҳар эслаганида янги маъно уқади. У бойликни атрофи паришонлик уммони билан ўралган ожиз орол деб билиб, бу оролнинг қачондир чўкиб, йўқ бўлиб кетмоғи тайин эканини ҳам англайди. Орол чўкиб кетмаган тақдирда ҳам, ундагилар паришонлик уммонида тез-тез чўмиларлар, бу сувдан ичарлар. Балки жон берар онларида ҳам лабларига ана шу паришонлик уммонининг афсус сувидан томизарлар...

Опа-сингил бир-бировига туннинг хайрли ўтмоғини тилаб, уй-уйига киргач, ўзларини олам аро ёлғиз қолгандек ҳис этдилар. Бундаги ҳамма нарса улар учун бегона эди. Бу ялтироқ пардаларни, серҳашам қандилларни, жавон тўла идиш-товоқларни Оврупо тарбиясини олган қизларнинг дидлари ҳазм қилолмас эди. Ортиқча ҳашамсиз, латифлик ила уй тутишга кўниккан қизларга бу уйдаги безагу анжомлар оғир юкдай туюлиб, худди бошлари устига бостириб келаётгандай бўлаверди. Ҳам бу оғирлик, ҳам ёлғизлик уларни дастлабки онданоқ сиқувга олди. Хоним Хадичанинг тарбиясига кўра, улар зериккан дақиқаларида китоб билан ҳамроз бўлардилар. Уларнинг хоналаридаги жавон безаклар билан эмас, турли тилларда, турли мамлакатларда нашр этилган китоблар билан банд эди. Опа-сингилларнинг ўзлари учун ажратилган келинлик хоналарига киргандаги дастлабки ажабланишлари ҳам жавонда бирорта китоб йўқлиги бўлди.

Қизлар лозим бўлганда руҳларига далда берувчи китоблардан беш-ўнтасини олволган эдилар. Аммо ҳозир, ёлғизлик омбурига маҳкум онларида халоскор бўла олгувчи бу китоблар эрлари билан биргаликда Москвада қолган...

Чўлпоной бир оз енгил тортиш мақсадида ичкарига кириб, юз-қўлини муздек сувга ювиб чиқди. Хонанинг чироғини ёқмай, дераза пардасини сурди. Шунда кўзлари самодаги ҳилолга тушиб, «алҳамдулиллаҳ!» деб пичирлади. Худди соғинган кишисига етишгандай, уч кунлик Ойга суқланиб боқди. «Бу ернинг осмони биз томонлардан тамизроқ, тиниқроқ экан, — деб ўйлади у. — Ойнинг нури-да, юлдузларнинг нурлари-да тамизроқ. Одамлари-да шундай бўлсин, иншооллоҳ» Чўлпоной яна бир оз осмонга мафтун ҳолда тикилиб тургач, синглисининг ҳузурига ошиқди.

Тунги чироқни ёқиб, юмшоқ оромкурсида ўтирган Муштарий опасининг кириб келишидан қувониб кетди.
— Бу не ҳолки, ақлим лол, — деди у ўрнидан туриб. — Айрилиқ кишани урилган маҳкума мартабасига етушмагимиз муборак ўлсун.
— Зинҳор! Ақлингиз лол-у ҳайрон бўлмасин, юлдузим, — деди Чўлпоной, синглисини худди онаси каби эркалаб. — Бери келинг-чи, кўкка бир боқинг-чи...

Бу хона деразасидаги парда ҳам сурилиб, Муштарий ҳилолга опаси сингари соғиниб боқди. Сўнг худди ўзига ўзи гапираётган девонаваш сингари пичирлади:

Жон қасди кўп этти ёр ҳижрони манга,

Хирмон ўқин урди улчи имкони манга,

Гар бўлса мутеъ чарх даврони манга

Еткурса мен ул ойға ё они манга.[1]
— Бале, юлдузим! — Чўлпоной енгил қарсак чалиб, синглисини олқишлади. Бу олқиш айнан Гулузор бегимники эди. Қизларини мақтагиси келса шундай деб, енгил қарсак чалиб қўярди. Чўлпоной уйларида баъзан атайин, баъзан беихтиёр тақлидан равишда онасининг гапларини айтиб, қилиқларини такрорлаб турарди. Муштарий уйда бунга эътибор бермас эди. Ҳозирги аҳволида онасининг эркалашлари ёдига тушиб, бир энтикди-ю, опасини енгил қучиб, елкасига бошини қўйди.
— Тингланг-чи, юлдузим, ҳилол биза бир ширин хабар шивирлайдир, — деди Чўлпоной синглисининг сочидан ўпиб. — Бу хабардин айрилиқ зиндонида тут-қун бўлганлар таскин топгайлар.

Муштарий бир оз жим турди. Худди сукунатга қулоқ тутиб опаси айтмоқчи, ҳилолнинг шивирлашларини эшитгандек бўлди. Сўнг бошини кўтариб Чўлпонойга тикилди:
— Оллоҳ, Оллоҳ, айрилиқ шомининг зимзиёлиги қанчалар дилни хуфтону жонни саргардон этгувчи эмиш.

Чўлпоной синглисининг дардли гапларини эшитиб, кулимсиради-да, қошлари, юзларини силай туриб, деди:
— Ваҳ, ваҳ! Висол тонгининг равшанлиги қанчалар дилга ёқимлигу жонни қувонтиргувчи эмиш...

Муштарий ўзини мажбурлаб жилмайди-да, жойига қайтди. Опасидан илгарироқ ўтириб, ҳурмат қоидасига хилоф қилганини англади-ю, чаққон туриб, Чўлпон-ойга узрли нигоҳ билан қаради. Чўлпоной синглисининг ёнига ўтиб ўтиргач, Муштарий енгил хўрсинди:
— Кўнглим бир қаҳва истар. Бунда бир хизматкор борми экан? Зайнаб хонимдан сўрамагимиз лозим эди.
— Пича сабр этинг, юлдузим. Дарровда бирон нимарса сўрамагимиз одоб саналмас.
— Ажойиб қизиқ қурилмиш бу уйлар. Сайр қилмоққа боғ ҳеч йўқтур. Одамлари-да ажойиб қизиқдурлар. Ўтирарлар, таом ерлар, сўнгсиз гапирарлар. Гапира-гапира чарчамаслар, таом ея-эя толиқмаслар, узоқ вақт ўтира-ўтира ҳормаслар. Кўрдимки, мусулмон юрт бўлса-да, бунда намоз қилмаслар.
— Бу менга-да ажаб туюлди. Насроний юртда намоз қилмаслик бизим учун айб эди, бунда айб эмас кўринадур. Бу сизнинг учун муддаонинг ўзи эмасдурми, деб хавотир қилурман.

Муштарий опасидан фарқли ўлароқ, уйда эканида намозга кўп ҳам эътибор бермас, ҳушига келса ўқир, бўлмаса йўқ эди. Чўлпоной ҳозир унинг шу одатига шама қилиб, айёрона кулиб қўйди. Умр йўлдошларининг доктор Худоёр таъсирида ўша ерда намозга ўрганганлари, уларнинг ҳам ибодатда собит эмасликларини улар ҳам билмас эдилар.

Асадбек ўғиллари билан меҳмонхонада тонг оттирган азобли кечада унинг хонадонида она ва қиз, опа ва сингил дунёнинг шўришларидан паришон ўтиришган эди.

Эртасига қайноталарига салом бераётганларида суюклиларига ўғринча қараб олишгач, кўнгил осмонида қуёш чарақлади.

4

Дастлабки кунлардаги келди-кетдилар камайгач, опа-сингиллар зерика бошладилар. Абдусамад билан Абдулҳамид соғинган ошналари билан чойхоналардаги ўтиришларини бошлаб юборишгач, улар аввалига ажабланишди. Сўнг бу ерларнинг одатича «ер-хотин биргаликда судралиб юрмасликларини» билиб, афсус чодирига ўралганча бунга ҳам кўникишди.

Улар учун бу хонадонда бирдан-бир юпанч — Зайнаб эди. Эрлари ошхўрликларга кетган дамларда улар Зайнаб билан шаҳар сайрига чиқдилар. Элчинни ҳам йўқладилар.

Бир куни чой ичишиб ўтиришганда Муштарий:
— Зайнабхоним, сиз биза кутубхонангизи кўрсатмайсиз? — деб қолди.

Зайнаб онаси билан кўз уриштириб олиб, жавобга тараддудланди. Чунки кийим-кечагу безаклардан кам-кўсти бўлмаган бу жувоннинг кутубхонаси йўқ эди. Тўғри, у китоб ўқирди, баъзан дугоналари мақтаган асарни уч-тўрт кунга сўраб оларди, баъзида эса ўзи ҳам харид қиларди. Уйдаги китобни биров олгани, қайтиб бермагани билан иши йўқ эди. Китобларни тўплаб, кутубхона шаклида тартиб беришни эса ўйламасди. Келин аясининг саволидан шу сабабли ҳам хижолат бўлди. Ўзини мутолаасиз, жоҳил қилиб кўрсатиб қўймаслик учун:
— Кутубхона нариги уйимда, — деб оғир вазиятдан қутулди.
— Сўрамакка ижоза веринг, Зайнаб хонум, мумкинмикин билмагимиз: бунларда қайси бир китоб чўх севилиб ўқиюлур?

Бу саволга жавоб тайёр бўлишига қарамасдан Зайнаб «айтаверайми?» дегандай онасига қараб олди. Манзура бу қарашни бошқача тушуниб, «ёшларнинг гапларига ҳалал бермай», деган фикрда ўрнидан туриб, чиқди. Қайнонанинг ҳурмати юзасидан ўринларидан туришган келинпошшалар жойларига қайтишгач, саволга жавоб кутиб, Зайнабга қарашди.
— Катта-ю кичик «Ўтган кунлар»ни яхши кўриб ўқишади, — деди Зайнаб.
— О, чўх гўзалдир бу! — деди Чўлпоной қувониб. Сўнг қувончи сабабини изоҳлади: — Мен айни шундайдир, деб мулоҳаза қилиб эдим. Бу гўзал румонни ўзбекларнинг чўх суймасликлари мумкин эмасдир.
— Сиз... ўқиганмисиз? — деб ажабланиб сўради Зайнаб.
— Чўх-чўх маротабалаб, — деди Муштарий суҳбатга қўшилиб. — Унда зикр этилмиш сатрлар хаёлимизга-да муҳрланмиш.
— Сиз китобни нардан олдинийиз, деб ажабланиюрсизми? — деди Чўлпоной. — Бизим бир ватандош вордур, исм-насаблари Жўра Бўтакўз. Эшитганийиз ворми?

Зайнаб бунақа одамни эшитмаган эди, йўқ, маъ-носида елкасини қисиб қўя қолди. Чўлпоной бу кишини ўзи кўрмаган, шундай миллатпарвар ватандошлари борлигини отасидан эшитган эди. Ҳозир ана шу ҳикояларни баён қилиб берди. Жўра Бўтакўзнинг бу китобга ғоят меҳри баландлиги туфайли «Ўтган кунлар»ни барча ватандошларим ўқисин», деган мақсадда араб алифбосида нашр қилдирганини, бунинг учун Истанбулдаги меҳмонхонасини сотиб, барча маблағини босмахона харажатларига сарф этганларини, ношир истаб Эрону Покистонга қадар борганларини ҳаяжонли туйғу билан айтди. Опа-сингилга миллат равнақи йўлидаги улуғ фидойилик ва жўмардлик бўлиб туюлган бу во-қеани Зайнаб оддий иш сифатида қабул қилди. Чўлпонойнинг ҳаяжонли ҳикоясини эҳтироссиз тарзда тинглади. Хонадонида ҳам, ўқишда, дугоналари даврасида ҳам миллат тақдири, Ватан равнақи ҳақида сўзлар эшитмаган, «Ватанни суймак», деган тарбия мезонидан узоқ бўлган Зайнаб бу воқеадан келин аялари каби ифтихор эта олмасди. Чунки унинг учун Ватанни соғиниб яшаш ҳисси бегона эди. Миллат учун борини бериш, ҳатто жондан кечиш ҳам бир бахт эканини у қайдан билсин? Унинг учун бахт — Кумушбиби каби суйганига етишмоқ эди. Етишолмаганини бахтсизликка йўйди. Бу олам аро бундан-да кўра улуғроқ бахт, бундан-да кўра ўлчовсиз бебахтликлар борлигини у тасаввур эта олмасди. Шахс ташвишидан ташқари миллат қайғуси деган фазилатлар борлигини Зайнаб бировлардан кўп марталаб эшитса-ю, ҳис қила олмаса, уни айблаш ўринли бўларди.

Яхшики, келинпошшалар Ватан тақдири, миллат қайғуси ҳақида ота-оналаридан эшитганларини айтиб, Зайнабдан бу борада фикр сўраб, уни оғир аҳволга солишмади. Чўлпоной Жўра Бўтакўзнинг саргузаштларини айтиб адо қилгач, самимий тарзда деди:
— Бунларнинг қизлари худди Кумушбиби каби, худди Раъно хонум каби чўх гўзал эмишлар. Бунда ҳар бир хонумқиз бир Кумушдир, бир Раънодур. Бизим яшаганимиз Олмонияда на бир Кумуш вордур, на бир Раъно. Мирзо Анварким, бежиз байт битмамишларким:

Агар Фарҳоднинг Ширин, бўлса Мажнунларнинг Лайлоси,

Насиб ўлмиш менга гулшан аро гулларнинг Раъноси.
— Офаринлар, ташаккурлар! — Муштарий яйраб кулганича енгил қарсак урди. — Сўнг опасини қув-ватлаш мақсадида гап қўшди: — Бунда кўрдимки мен, ҳар бир хонимқиз Кумушдир, вале ҳар йигит бир Фарҳоддир, бир Қайсдир. Бобур мирзомни эслаймизми:

Қани Лайли била Ширинким, алардан ишқ ўргансанг,

Қани Фарҳод ила Мажнунким, аларға ишқ ўргатсам.

Зайнаб бу байтнинг айтилувидан мақсад — акаларини алқаш эканини англаб, жилмайди.
— Румонни мутолаа этивум жараёнинда Кумуш қандай қиз экан, деб чўх ўйга толурдим. Сизни кўрдим ва дедимки: ана, Кумуш!

Зайнаб бу гапдан сўнг бошини эгди. Келин аялари унинг бу ҳолатини ийманишга йўйишди. Лекин кутилмаганда Зайнаб паст овозда:
— Кумуш ўлган... — деди.

Опа-сингилларга бу гап оғир таъсир этиб, бир-бирларига савол назари билан қараб олишди.

Суҳбатни шу ҳолда узилишини истамаган Чўлпоной:
— Кумушбиби жисман ўлмишлар. Бибийимиз муҳаббатлари тирикдир, ўлмасдир. Унинг туйғулари сиз ила бизда яшар, — деди-ю, бу гапи билан Зайнабнинг юрагидаги ярани тирнаб, туз сепди. Зайнабнинг тирналган қалби ярадор қуш сингари потираб, жони бўғзига қадалгандек бўлди. Ундаги ўзгаришни опа-сингиллар сездилар. Муштарий «ножўя сўз айтдингиз», деган маънода опасига танбеҳ назари билан боқди-да, орадаги ноқулайлик тутунини тарқатмоқ ниятида «Мен қаҳва тайёрлайин-чи», деб ўрнидан турди. Ташқарига чиқиш баҳонасини қўлдан бермаслик учун Зайнаб «Ўзим тайёрлайман», деб чаққон турди. Аммо келинпошшалар бунга йўл бермадилар. Муштарий чиқиб кетгач, Чўлпоной қайинсинглисидан «Ўтган кунлар»ни ўқиш учун бериб туришини илтимос қилди. Китоб бу ерда эмас, Зайнаб нариги уйига олиб кетган эди. Элчинни кўриб, шифохонадан қайтаётганида уйига атай бориб, китобни қидирди. Тополмади. Кимга берганини ҳам эслолмади. Шундан сўнг дугоналарига бир-бир қўнғироқ қилиб сўради. «Ўзингда йўқ, оламда йўқ», деганларидек, китоб танишларидан ҳам топилмагач, бир-икки кундан сўнг кутубхонадан олиб келиб берди.
— Бу китобнинг харидори кўп. Дугонамга берувдим, у яна биттасига берибди. Китоб шу зайлда оёқ чиқариб, юриб кетган, қаердалиги номаълум, — деди ҳазил оҳангида.

Музаффархон бир кунмас бир кун Ватанга қайтишига ишонгани учун қизларига русларнинг алифбосини ҳам ўргатган, китоблар олиб келиб берган эди. Шунинг учун ҳам Чўлпоной китобни ўқишда қийналмади. Уч кундан сўнг китобни Зайнабга қайтариб бера туриб:
— Ажаб ҳол, — деди.

Зайнаб нимаси ажабланарли экан, деб ҳайрон бўлди.
— Ажаб ҳолки, — деди Чўлпоной яна таъкидлаб,— китобда чўх саҳифалар йўқтур.
— Биров йиртиб олибдими? — деди Зайнаб афсусланиб.
— Саҳифалар ўзларининг ўрнидадир, аммо нашрда чўх гаплар йўқтур. Биз Юсуфбек ҳожимнинг сўзларини юракларимиз кўзлари ила ўқиб, хаёлимизга муҳрлаб олгандирмиз, — Чўлпоной шундай деб, китобни варақлаб, бир ерда тўхтади: — Мана бунда йўқтур у гаплар, — Чўлпоной бир оз ўйланиб турди-да, китобга киритилмай, тушириб қолдирилган сатрларни ёддан ўқиди: — «Буродарлар! Ўрус ўз ичимиздан чиқадирған фитна-фасодни кутиб, дарбозамиз тегида қўр тўкиб ётибдир. Шундай маҳшар каби бир кунда биз чин ёвға берадирган кучимизни ўз қўлимиз билан ўлдирсак, сен фалон, деб қирилишсак, ҳолимиз нима бўладир? Бу тўғрида ҳам фикр қилғувчимиз борми? Кунимизнинг кофир қўлиға қолиши тўғрисида ҳам ўйлаймизми ёки бунга қарши ҳозирлик кўриб қўйғанмизми?!

Ҳожи ўзини тутолмай, кўз ёшисини оқ соқолига қуйиб давом этти: — Мана буродарлар! Сиз ўз қипчоғингиз учун қабр қазиған фурсатда, сизга иккинчилар тобут чопадилар. Биз қипчоққа қилич кўтарганда, ўрус бизга тўп ўқлайдур. Сиз дунёда ўзингизнинг ягона душманингиз қилиб қипчоқни кўрсангиз, мен бошқа ёвни ҳар замон ўз яқинимға еткан кўраман! — деди ва рўймоли билан кўз ёшисини артиб, ўрнидан турди...»

Шу ерга келганида Чўлпонойнинг овози титради. Деворга осиғлиқ эроний гиламда худди Юсуфбек ҳожининг сиймоси тасвирлангандек тикилиб қолди. Сўнг деди:
— Дадам айтиб эдиларким, миллатнинг хорлиги айни ўша ҳаракатдан бошланмиш экан. Миллатнинг иттифоқда собит эмаслиги ўз бошига қайғу солмиш экан... Китобда эса бунлар йўқтур...

Чўлпоной бошқа гапирмади. Китобни Зайнабнинг қўлига тутқазиб, ўзи изига қайтди. Китобдан тушириб қолдирилган сатрлар, саҳифалар тақдири унинг учун сир бўлиб қолаверди.

XI боб

1

«Иштонсизнинг ҳадиги чўпдан», деганларидек, Асадбекнинг ҳар бир қараши Кесакполвоннинг нигоҳига зирапчадек санчиларди. Асадбек билан Хонгирейнинг нима ҳақда, қандай тарзда гаплашганлари унга номаълум. У фақат суҳбат натижасини билади: Асадбек чекинган, бўйнига мағлублик кишанини солиб қайтган. Бу кишаннинг бир учи Хонгирейнинг қўлидами ёки Кесакполвонга тутқазиладими — буни билмайди. «Ошна, бўлар иш бўлибди, энди четга чиқа қол, оёқларим остида ўралашмай тур», дейдими ё Асадбекнинг ўзи «Ҳайдар ошнам, энди сенинг ошиғинг олчи турибди, бу ёғига катта-катта босавер», деб бўйнини эгадими — буни ҳам билмайди. Ҳар ҳолда Асадбек бўйнига арқон боғланса кўзларини жавдиратиб турувчи ахта қўчқор эмас, бундай демаслигига Кесакполвоннинг ақли етиб турарди. Гапни ўзи бошласа балоларга қолишига ҳам фаҳми етарди.

Асадбек қабристонга бориб келганидан сўнг у кетишга баҳона излади. Ашулачи келиб, хиргойисини бошлагач, собиқ хўжайини, бўлажак тобеидан рухсат сўраб, кўчага чиқди. Асадбек бу сафар одатига хилоф равишда уни дарвозага қадар кузатиб чиқиб «Раҳмат, ошнам» деб, уни ҳайрат тўрига чирмаб қўйди. Шу пайтга қадар Кесакполвонни бу хонадонда биров кутиб олмаган, биров кузатмаган. У ўз уйига қандай кириб-чиқса, бу ерда ҳам ўзини шундай эркин тутарди. Асадбек кузатиб чиқиб «ошначилигимиз шу онда, шу остонада ниҳоясига етди, энди сен бегонасан», демоқчи бўлдими?

Асадбекда бундай фикр йўқ, беихтиёр тарзда кузатган бўлса-да, Кесакполвон унинг ҳаракатини бегоналик сари қўйилган дастлабки қадам деб билди. Кўнгил хиралашганича машинага ўтирганида Қози унга кутилмаган янгилик айтди:
— Қозихонада сизни масковлик меҳмон кутиб ўтирганмиш.

Бу хабар Кесакполвонга хуш ёқди. «Яхши, Хонгирей одам юборибди. Бек билан бўладиган олди-бердини ўзи эплаштириб ташлайди», деб ўйлади.

Шу кайфиятда қозихонага кирган Кесакполвон Селимни кўриб, тарвузи қўлтиғидан тушган одамдай ажабланди. Шу сабабли қисқа салом-аликдан сўнг дабду-рустдан:
— Сени ким юборди? — деб сўради.
— Хонгирей, — деди Селим. — Сизга айтишмадими?
— Йўқ. Хонгирей билан қанақа алоқанг бор, сенинг?
— Ака-укачилигимиз бор, — деди Селим фахр билан. Ҳозир у кечагина Хонгирейнинг ҳузурида пусиб, қалтираб турган Селим эмас, балки ўзидан бир неча поғона пастдаги тобедан лутфини дариғ тутмай гаплашаётган хожа мартабасидаги одам эди. «Вақти келса бургани ҳам тақалаб бера оламан», деб ўйловчи Селим ёлғон гапи билан Кесакполвонни жиловлаб олмоқчи эди. Кесакполвон «қанақасига ака-укасан, Ҳосил «пишт» деса думингни қисиб туришингни билмасмидим, Академикнинг дўппослаганини эшитмаганманми?» деб майдалашиб ўтирмади, Селимнинг гапига ишонгандай бўлиб:
— Хонгирейни қачон кўрувдинг? — деб сўради.
— Уч кун аввал.

«Демак, Асад бормасидан олдин кўришган. Бу ҳеч нима билмайди», деб ўйлаган Кесакполвон Селимни синаётгандек тикилиб туриб сўради:
— Хонгирей нима учун сени менга юборди? Мен кичкина бир одам бўлсам. Бу ерларнинг хўжайини бор?
— Сабабини Хонгирейнинг ўзидан сўрайсиз. Менинг билганим шуки, бу томонлар энди Хонгирейники. Бошқаларнинг тиши ўтмайди. Мен унинг вакилиман. Сиз билан бирга катта ишлар қилишимиз керак. Энди тирикчилик бошқачароқ бўлади.
— Тирикчилик, дегин... Эшитгандирсан, битта одам мажлисда насиҳат қилибди: «Касал бўлсангиз дўхтирга учранг, чунки дўхтирларнинг тирикчилиги бор. Дўхтир ёзиб берган дорини албатта сотиб олинг, чунки дорифурушларнинг ҳам тирикчилиги бор. Лекин бу дориларни ича кўрманг, чунки ўзингизнинг ҳам тирикчилигингиз бор». Ўша мажлисда гўрков ҳам ўтирган экан, шарт ўрнидан туриб: «Ўртоқлар, бу одамнинг гапига қулоқ солманг, ўша дориларни албатта ичинг, чунки менинг ҳам тирикчилигим бор», деган экан.

Селим кулиб, иягини қашиган бўлди-да:
— Гўрков бошқаларнинг ҳисобидан тирикчилик қилиб турар. Бизнинг ишимиз катта бўлади. Лимонад сотиб юриш жонингизга тегмадими? — деди.

Бу луқма Кесакполвоннинг ғашини келтирди:
— Сен бола, ақлинг етмаган ишларга аралашма!

Кесакполвон бу гапни худди Асадбек каби қошларини чимирган ҳолда, зарда билан айтди.

Хонгирей беш бошли аждаҳо бўлса, энди битта боши менман, деб ўйлаётган Селимга бу зарда таъсир этмади. Хотиржам тарзда:
— Сиз бугун Хонгирейга қўнғироқ қилиб, келганимни айтиб қўйсангиз бас. Мен «Ленинград» меҳмонхонасида турибман. Бўш бўлсангиз ўтинг, бир ошиқ ташлаймиз, — деди-да, ўрнидан турди.

У чиқиб кетгач, хонтахта остидан телефонни олган Кесакполвон Москвадаги Хонгирейнинг қароргоҳи рақамларини терди. Хонгирейнинг ўрнига Маматбей гаплашиб, Селимнинг гапларини тасдиқлади. Кесакполвон қўғирчоққа айланганини англаб, пешонасини тириштирди. Қози билан бир оз маишат қилиб, юраги сиқилди. У Асадбекни йўлидан олиб ташлаб ўзлари яратган оламга танҳо ҳукмронлик қилмоқчи эди. Оқибат нима бўлди? Аввалги мартабасиданда пастлаб кетмадими? Ҳар ҳолда «Асадбекдан кейинги иккинчи одам», деган номи бор эди. Энди-чи? «Хонгирейнинг югурдаги» деган унвонга етишдими? Энди бу хомсемиз Селимнинг оғзидан чиқадиган гапга маҳтал бўлиб ўтирадими?

Агар Кесакполвонда номус туйғуси бўлганида бу ҳолга тушганидан кўра ўлимни афзал биларди. Бундай туйғудан холи бўлгани сабабли ўлим ўрнига хорликни мақбул кўра қолди.

Ровийлар дерларким, Ҳиндистон подшоҳининг тўрт вазири бор экан. Вазири аъзам, Худонинг марҳамати билан, тенгсиз ақл-заковот эгаси экан. Яратганнинг қудратини қарангки, бировга ақлдан мўл берса, шун-га яраша ҳасадгўйларни ҳам бераркан. Уч ҳасадгўй вазири аъзамни йўлдан олиб ташлаб, подшоҳга янада яқинлашмоқ чорасини излашибди. Субҳи содиқда бир вазир кириб ажиб туш кўрганини баён қилиб дебди-ки: «Жаннатмакон отангиз у дунёда ҳам подшоҳлик давру давронини сурмоқдалар. Аммо ақлли вазирга муҳтожликлари бор экан. Ўғлимга айт, вазири аъзамни ҳузуримга йўлласин», дедилар. Бир ҳасадгўйнинг изидан иккинчиси, сўнг учинчиси кириб айни туш кўрганларини айтишибди. Подшоҳ бундан ажабланиб, вазири аъзамдан маслаҳат сўрабди. Вазири аъзам ҳасадгўйларнинг мақсадларини англаб дебдики: «Эй подшоҳим, отангиз амр қилган эканлар, бўйинсинмоқ фарздир. У дунёга риҳлат қилмоқ олдидан менга қирқ кун муҳлат беринг. Бу даврни мен ибодат билан ўтказиб, тавбалар қилай, руҳимни поклаб олай. Мўътабар отангиз ҳузурларига бу дунёда топганим — гуноҳларни ортмоқлаб бормай». Подшоҳ рози бўлибди. Подшоҳ изн бергач, вазири аъзам фурсатни ғанимат билиб, уйидан то мурда ёқиладиган майдонга қадар лаҳм кавлатибди. Ўттиз тўққизинчи куни эса ўтинларни ўзи тахлатибди. Қир-қинчи куни оппоқ либосларни кийиб подшоҳ ҳузурига кирибди-да: «Мен тайёрман. Аммо оловни ўзим ёқаман. Гуноҳкор бандалар гулханга яқин келишмасин», деб огоҳлантирибди. Айтгандай қилиб, оловни ёққач, тутун кўтарилиши билан ўтинлар орасидан пастга тушиб, ерости йўлаги орқали уйига борибдию бир йил ташқарига чиқмай ўтирибди. Сўнг яна ўша оппоқ либосини кийиб, подшоҳга рўпара бўлиб дебдики: «Олампаноҳим, мен қайтиб келдим. Отангиз сизни беҳисоб равишда дуо қилдилар. Ва амр эттиларким, бу уч вазирингизни хизматларига юбормоғингиз жоиз экан». Подшоҳ ўйладики, «Мен вазири аъзамни булар кўрган тушга инониб у дунёга юборган эдим. У хизматини адо этиб қайтиб келди. Нега энди унинг сўзларига инонмайин?» Подшоҳнинг шу аҳди билан уч вазир ўтда ёнган экан...

Кесакполвон ўша вазирлар тоифасидан эди. У ўзининг майда ўғрилардан эканини унутган, Асадбек паноҳида юрмаганида сал нарсага қамалавериб ийиғи чиқиб кетиши мумкинлигини эса фаҳмлай олмасди. У баъзан «Асадбекни одам қилган менман, шунинг хизматида юрмаганимда аллақачон тож кийиб, қонундаги ўғриларнинг зўри бўлардим», деб ўйларди. Бироқ унинг калта ақли «Қонундаги ўғри мартабасига етиш учун ҳам фаросат керак», деган ҳақиқатни ҳазм қила олмас эди.

Кесакполвон айни дамда ранжигани билан Хонгирейга, ҳатто Селимга хизмат қилишга кўникиб кетаверарди. Уни ташвишга солаётган нарса Асадбек томонидан бўлажак ногаҳоний ҳужум эди. Асадбек Москвага кетганида бу ташвиш бир оз чекинган, ўзига далда берувчи баҳонаю сабаблар топган эди. Асадбек қайтиб, кўз кўзга тушдию хавотир чўғи аланга ола бошлади.

Яйдоқ даладаги кўйлакчан одам дўлда қолса — ўлиши тайин. Кесакполвонни Асадбекнинг дўлларидан Хонгирей асрайдими ё кўйлакчан ҳолича дала ўртасига ташлаб қўяверадими?

Қозихонадаги эски кўрпача устига ёнбошлаган Кесакполвон дўлдан ҳимоя қилиш чораларини ўйларди. Хаёлига бир фикр ярқ этиб урилди-ю, қаддини кўтариб, чордона қуриб ўтириб олди. Хожасидаги бу ўзгаришдан ажабланган Қози ўрнидан туриб «Хизмат, хўжайин», дегандай қўл қовуштирди. Кесакполвон «нега туриб олдинг?» дегандай унга ҳайронлик билан қаради-да:
— Нима буюргансан, димламами ё қозонкабобми?— деб сўради.
— Ош дегандай бўлувдингиз... — Қози шундай де-ди-ю, эгасидан тепки ейишдан қўрқиб думини қисган ит ҳолига тушди.

Кесакполвон Селим билан кўришмай туриб, чойхона ҳовлисидан ўтаётганида ош буюрганини эслади, бироқ, сир бой бермай:
— Ош еявериб ичаклар пресс бўлиб кетди. Чиқиб айт, ёғлироқ гўшт босишсин, — деди.

Қози чиқиб кетгач, қаддини кўтаришга мажбур этган фикрга қайтди. У Асадбекнинг қаҳридан қутулиш йўлини топгандай бўлди: эртага тонгдаёқ қаймоқ кўтариб Асадбекникига боришни, нонуштада биргалашиб қаймоқхўрлик қилишни, сўнг «Маҳмудни мен ўлдиртирдим», деб тан олишни режа қилди. Унингча «Маҳмуд сенга хиёнат қилиб Хонгирей билан тил бириктираётганини билиб қолдим. Ўзинг айтгансан, бизда хиёнатчига айтадиган гап битта бўлади... Сенга билдирмаганимнинг сабаби: уни ўзим топиб, ўзим тарбия қилган эдим. Гуноҳига шерикман. Шунинг учун ўзим йўқ қилдим», деган гапларига Асадбек оз бўлса-да ишониши керак эди. Шубҳасиз, у «ўзинг-чи, Хонгирейга қандай илакишиб қолдинг?» деб сўрайди. Кесакполвоннинг мўлжалича, жавобнинг «хўр-рози» шу саволга қайтарилади: «Хонгирей хитланиб, сенга осилмасин, деб номигагина яқинлашдим».

Ўзининг бу кашфиётидан қувонган Кесакполвоннинг чеҳраси очилиб, қозонкабобни буюриб қайтган Қозига бир-икки ҳазил қилди.

Маишатлари якун топиб, кўчага чиқишгач, Кесакполвон «Қаерга борсам экан?» деб ўйланиб қолди. Хотинининг Японияга, қизи билан сартарошнинг Ленинградга жўнаши ҳақидаги гап-сўзларни эслаб, уйига боргиси келмади. Хотини бугун эрталаб «ери ўлган Ойсанам»нинг Японияга отланаётганини яна гапирганида «шу момақаймоқни анчадан бери кўрмадим-а», деб ўйлаган эди. Ҳозир ўша армонга барҳам бериб, жувонни кўрмоқ истагида машина сари юрди. Ҳайдовчи ўрнига ўтирмоқчи бўлган Қозини тўхтатиб, сўради:
— Дўхтирни топдингми?
— Уйидагилар айтишмаяпти.
— Бек аканг келди-я! Намунча лаллаясан, ҳеббим! Уйидагилар айтмаётган бўлса битта боласини анави ерга тиқиб қўйгин, сайраганини ўзи ҳам билмай қолсин. Нима, шунга ҳам ақл керакми?

Кесакполвон шундай деб сўкинди-да, ҳайдовчи ўрнига ўзи ўтирди.

2

Ойсанам... Киприклари узун-узун, қошлари камон, яна минг йил яшасам ҳам чиройимни бой бермайман, дегувчи латофат эгаси Кесакполвоннинг хаёлини ўзига тортган эди. Кесакполвон Ойсанамнинг онаси Кунсанамни эркалаб «қиз ўртоғим» дерди. У дастлаб қамоққа тушганида ўғрилик билан нон топиш, тирикчилик қилиш осон эмаслигини англади. «Детдом боласиман», деб болаларга зўрлик қилиш замони ўтган, ўғрилар оламида етарли обрўга эга бўлиш учун лозим зеҳн, тадбирнинг ўзида йўқлиги, охир-оқибат хорлик жандасига ўрашини ҳам фаҳмлаб, «сендан бошқа менинг кимим бор?!» деб кўз ёши тўкиб, Асадбекнинг этагидан маҳкам тутди. Кесакполвоннинг умри бўйи қилган энг ақлли иши ҳам шу эди. Дам-бадам уйғонувчи «Мен ёнида бўлмасам Асад бу мартабаларга ета олмас эди», деган ўйига ўзи ҳам ишонмасди.

Ўғриликдан узоқлашиб, Асадбек бериб турувчи чўталга қаноат қилиб юрган кезлари енгил-элпи тўй қилиб бўлса-да, уйланди. «Детдом боласиман» деб керилиб юрувчи Кесакполвон йигит кишига бошпана ҳам зарур эканини ўшанда тушуниб етди. Асадбек ўзининг эски маҳалласига тақаб солинган тўрт қаватли ғиштин иморатдан унга бир хонани ижарага олиб берди. Уч хоналик уйнинг эгаси заводдаги кутилмаган офат туфайли икки қўлининг панжаларидан айрилган одам эди. Унинг мажруҳлик учун оладиган нафақаси оиланинг нон-чойига аранг етарди. Хотини Кунсанам илмсиз, ҳунарсиз аёл бўлгани сабабли оилани тебрата олмас эди. Шу боис у ҳам мактабдаги фаррошлигига оладиган озгина маошига қаноат қилишга мажбур эди. Эр-хотин-ку сабр қиларди, аммо улғайиб келаётган ўғил-қизларининг емоқ-ичмоқ, кийинмоқдаги эҳтиёжларини қондириш машаққат эди.

Кесакполвон ижарага қўйиладиган хонани кўргани келганидаёқ бу чиройли аёлга хуштор бўлиб қолган эди. Назарида эри мажруҳ, оиласи муҳтожликда яшаёт-ган бу аёл арзимаган «совға-салом» эвазига қучоққа осон кирмоғи мумкин эди. Сўз қармоқлари иш бермагач, югурик қўли белга борганида бир шапалоқ еб ниятга эришмоқ осон эмаслигини билди. Билди-ю, барибир мақсадидан қайтмаса-да, Кунсанамни баъзан «синглим», баъзан эса «қиз ўртоғим» деб «еъзозлаб» юрди.

Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас экан. Асадбекнинг чўталларига қаноат қилмай, унда-бунда ўғрилик кўчасига шўнғиб, чўнтаги сал қаппайгач, ўзига бошпана сотиб олди. Шундан сўнг бу хонадон билан борди-келдиси узилди. Чўнтак бақувват бўлгач, кўнгилхушликка боп жувонларни топиш қийин эмас. Кунсанам ҳам кўнгил дафтаридан осонгина ўча қолди.

Аммо Ойсанам...

Кесакполвон бир куни бозорда Кунсанамга тасодифан дуч келди. Аввалига Кесакполвон уни танимади. Танигач, ичида «Шафтолиқоқи бўлиб қолибсан-ку, аҳволинг шу экан, нозингга бало бормиди?» деб қўйди. Кунсанам эса уни яқин одами деб билиб, куёви нобоп бола чиққани, қизининг турмуши бузилганини афсус билан айтиб, ишга кирай деса дурустроқ жой чиқмаёт-ганидан нолиди. Ўшанда Кесакполвоннинг тантилиги тутиб, Ойсанамни таксопаркка жойлаб қўйганди. Ўшанда Илёсов бош муҳандис бўлиб ишларди. Эрдан чиққан бу гўзал жувонни у қандай илинтирди, Кесакполвон билмайди. Кесакполвон Ойсанамни дуркун қизалоқ пайтида кўрган эди. Илёсов никоҳлаб олгач, меҳмонга бориб жувонни кўрди-ю, «Ваҳ!» деб юборишига озгина қолди. «Қўлимга қўниб турган шундай қушчани учириб юбордимми?!» деб афсусланди. Кейин эса «Гиламни ўзимга яқин одамга сотибман, хоҳлаган пайтимда бир чеккасида ўтириб тураман», деб ўзини овутди. Бироқ, бу овутишлари хомхаёл бўлиб чиқди. Онаси каби ҳуркак бўлган Ойсанам уни ёнига йўлатмади. Унинг бу қилиғи Кесакполвонга ношукрлик бўлиб туюлди. Унга қонундаги ўғриларга хос тантилик етишмасди — бировга яхшилик қилгач, индамай кета олмасди. У бировнинг ҳожатини чиқарганидан сўнг албатта шунга яраша жавоб бўлмоғини истарди. Ойсанамни «ёғли» ишга жойлашиб қўйиши унинг наздида улуғ хизмат эди. Шу «улуғ хизмат» эвазига бу ношукр жувон бир кечалик ишвасини унга инъом қилгиси келмади. Мазкур муаммонинг ҳал этилишида Кесакполвоннинг тарозуси билан Ойсанамники мос эмасди. Кесакполвон тарозусининг бир палласига ўзининг «улуғ хизмати»ни иккинчисига жувоннинг ишвасини қўйган, шубҳасизки, палланинг «улуғ хизмат» томони босиб турарди. Ойсанам эса тарозунинг бир палласига «арзимас иш»ни, иккинчисига эса номус-орини қўйган эди. Шу боис «арзимас хизмат» учун ширингина жилмайиб, «раҳмат» деб қўйишни кифоя деб билди. У гўзаллигини, кўз сузиб қараши ҳар қандай эркакни беҳуш қила олишини биларди. Эркакларнинг суқланиб қарашларидан роҳатланарди. Бироқ бу қарашларга банди бўлишдан ўзини тия оларди.

Бир бахтсиз айтган эканки: «Билмайин босдим тиконни, тортадирман жабрини, билсам эрдим, босмас эрдим, тортмас эрдим жабрини».

Ойсанам бахтсиз эмасди, тиконни билмай босувчи тоифадан йироқ эди. Биринчи турмуши ёшлик ўйноқилиги оқибати эмас, балки ота-онасининг истаги меваси эди. Таг-тугли узоқроқ қариндошларининг хонадонида қизларининг бахт топишига астойдил ишонган ота-онаси тиконни билмай босган эдилар.

Янгалар уч кун пойлаб зерикишди: келин-куёв қўшила олишмади. Куёв болани домлага олиб бориб ўқитиш ҳам натижа бермади. Кунсанам сабр қилди, воқеани мажруҳ эрига билдирмади. Ўғлига айтишдан ҳам қўрқди, ҳам уялди. Ойсанам ҳам сабр қиларди. Аммо... кичик чилласи чиқмай туриб, ярим тунда эрининг безовта бўлиб ён хонага ўтиб кетишидан ташвишланди. Сўнг сон томирига эм игнасидан дори юбораётган кўрди-ю, лабини тишлади. Сири ошкор бўлган эр уни ҳам дори олишга даъват эта бошлагач, уйига қайтди-ю, бор гапни яширмай айтди. Акасининг бориб куёв болани дўппослаб уриб келгани ҳисобга олинмаганида улар ортиқча гап-сўзсиз ажралишди.

Бу воқеа Кесакполвонга номаълум, фикрича, гўзал жувоннинг эрдан чиқишига бошқа сабаб мавжуд эди. Ҳар нима бўлганда ҳам Ойсанам Кесакполвон учун забт этилмаган қўрғон бўлиб қолаверди. Кесакполвоннинг маишатбоп хотинларга муҳтожлиги йўқ, «Ойсанами кўнмаса жонсанам-да» деб кетаверса бўларди. Лекин жувондаги кибр (ҳа, у номусни айнан кибр деб фаҳмлаганди) унга тинчлик бермади. «Ўн йил бўлса ўн йил, юз йил бўлса юз йил кутаман. «Акажон!» деб қўйнимга кирганини ўзи ҳам билмай қолади», деган аҳдини бугун эслади.

«Миркаримовнинг ўлиги сувдан чиқибди», деган хабарни эшитиб, жанозага борганида ҳамма тобутни кўтариш билан овора эканида Кесакполвон майитнинг изидан йиғлаб чиққан хотинларга қараган, улар орасидаги Ойсанамни кўриб «йиғласа ҳам офатижон-а, даюснинг хотини» деб қўйган эди.

Ойсанамнинг Японияга отлангани ҳақидаги хабар Кесакполвоннинг тинчини бузган, бошида мингта ташвиш, минг битта ғалва бўлса ҳам, бу янгиликнинг тагига етишни истаётган эди.

Дарвоза биқинидаги қўнғироқ тугмасини қайта-қайта босган Кесакполвон ичкаридан жавоб бўлавермагач, «Нима бало, Японияга жўнаворганми?» деб ташвишланди. Умиди синган тарзда изига қайтай деганида Ойсанамнинг «Ким?» деган товушини эшитиб, кўнгли яйраб кетди-ю, ичида «овозингдан акагинанг айлансин!» деб қўйди. Жувон яна бир карра «Ким?» дегач:
— Менман, Ҳайдар акангман, — деб ўзини танитди.

Шундан сўнг ҳам дарвоза эшиги дарров очила қолмади. Бундан ори келган Кесакполвон зардали овозда:
— Нима, танимай қолдингми? — деди.

Ойсанам эшикни очиб, салом берди-ю, «келинг, киринг», демади. Орқага тисарилмади, ёнга ўтиб, йўл ҳам бўшатмади. Бу ҳаракати билан ўзига ёқимсиз бўлган эркакнинг остона ҳатлаб киришига майли йўқлигини ошкор қилди. Ойсанамнинг хоҳиши бор ёки йўқлиги Кесакполвон учун аҳамиятсиз нарса эди. Энг муҳими — бу уйга кирмоққа унинг хоҳиши бор.
— Шу томонга йўлим тушган эди, сингилжонимни би-ир йўқлай дедим. Сени кўрмаганимга ҳам минг йил бўлдиёв, — Кесакполвон шундай деб остона хатлагач, Ойсанам тисланиб, йўл бўшатишга мажбур бўлди.

Айвон иссиқ бўлгани учун уйга бошламади. Кесакполвон юмшоқ оромкурсига чўкиб ўтиргач, сигарет тутатди-да:
— Ўғлинг кўринмайдими, ёлғизмисан? — деб сўради.
— Ўғлим... ойим билан контсертга кетишувди, ҳозир келиб қолишади.

Ойсанам ёлғон гапирди: ўғли онасиникида, бугун келишмас эди.
— Ёлғиз зерикмаяпсанми? — деди Кесакполвон ишратталаб нигоҳини унга қадаб.
— Йўқ.
— Сен эрга тегишинг керак. Бевалик сенга сира ярашмайди. Сени... ўзим олиб қўя қолсаммикин, деб турибман.
— Меними?
— Ҳа-да, тегасанми, менга?
— Қўйинг-э, — Ойсанам шундай деб кўзини олиб қочди-да, четга қараган ҳолда пичинг билан қўшиб қўйди: — сизга... онаси ўпмаган қизлар маҳтал бўлиб туришибди-ку, мени нима қиласиз?

Кесакполвон дастлаб Ойсанамга осилиб, муддаога ета олмаганида «Мен хоҳладиму сен ноз қилдингми? Бир марта «гаҳ!» десам, онаси ўпмаган қизларнинг ўнтаси қўлимга қўнади», деган эди. Ойсанамнинг ўша воқеани эслаб пичинг билан айтган бу гапи Кесакполвонга нозли ҳазил бўлиб туюлди.
— Ўша гап эсингда турувдими, ёмонсан, сен ёмонсан. Билиб қўй: сени ростданам яхши кўраман. Онаси ўпмаганлардан бўлмасанг ҳам ўзинг зўрсан. Эрингга куйма. У сенинг тирноғингга ҳам арзимасди.
— Қўйинг, унақа деманг, бундай гапларни ер дарров етказади.
— Етказса етказаверсин. «Шилталик қилма», деб эрингга минг марта айтганман. Шилталиги бошини еди. Ўйнаши қамалиб кетдими? Бўйнига олибдими?
— Йўқ ҳали.
— Ие, иш ҳалигача чўзилиб ётибдими? Аканг ҳам ўтиргандир?
— Ўтирибдилар. Ишни энди прокуратура бошидан бошлаб кўрармиш.
— Сенга айтишдими, қаердан билдинг?
— Одам келди. Ҳаммасини бошқатдан сўраб чиқди.
— Сендан нимани суриштиради? Сен жабрланувчисан, даъвогарсан. Сен «еримнинг қотилини топиб берларинг», деб уларнинг ёқасидан олишга ҳақлисан.
— Ҳақимни биламан-ку... лекин... у одам сизни ҳам сўради. Асадбек акани суриштирди.
— Нима?! Нима деди?
— «Эрингиз билан муносабатлари қанақа эди? Келиб-кетиб туришармиди?» деб сўради.
— Сен нима дединг?
— Тўғрисини айтдим: келишмасди, дедим.
— Калланг жойида сенинг. Келган одамнинг оти нима экан?
— Эсимда йўқ.

Кесакполвон сигарета қолдиғини кулдонга эзди. Жаҳли чиққанини яширмай:
— Ақлинг ошиб-тошиб ётибди-ку, нимага эслаб қололмадинг? Сен улар билан мушук-сичқон ўйнама. Агар қотилни топишолмаса, сиртмоқни айлантириб-айлантириб ўзингнинг бўйнингга ташлашади. Кейин юраверасан вой-войлаб, — деб зарда қилди.

Бу гапдан Ойсанам чинакамига чўчиб тушди:
— Нега менга ташлашаркан сиртмоқларини? — деди саросима билан.
— Сенга ташлашмай бувингга ташлашадими? Эрини ўйнашдан қизғаниб ўлдирган ёки, тўғрироғи, ўлдиртирган, дейишади, тамом! Ҳа, нимага довдираб қолдинг, бўлиши мумкин эмасми? Масалан мен худди шундай деб ўйлаганман.
— Унақа деманг.
— Нега демас эканман? Данғиллама уйинг бор. Сочингнинг учидан оёғингнинг тирноғигача тиллага ботгандирсан. Энди бунақа шилта эрни бошингга урасанми? Сенинг ўрнингда бўлганимда мен ҳам ўлдиртириб юборардим. Тўғри қилгансан.
— Унақа деманг, — бу сафар жувоннинг овози титради.
— Демайман. Лекин бунақа ишда туҳматга қолиш ҳеч гапмас, эҳтиёт бўл. Яна сўроқ қилса гапингни билиб-билиб айт. Ҳа, Японияга кетаётган эмишсанми?
— Ҳали аниқ эмас. Битта ортиқча йўлланма бор экан...
— Шунақами? Сенга ошиқча йўлланма ҳам топила қолади-я! Сен уйингда жилмай ўтиравер. Японияни кўргинг келаётган бўлса, мен билан бирга борасан. Ҳўш, энди ҳалиги гапга нима дейсан?
— Қайси гапга?
— Менга тегасанми?

3

Кесакполвон аввалги аҳди бўйича эрталаб қаймоқ кўтариб келди-ю, аммо Асадбек билан нонушта қила олмади. Асадбек эрта саҳарда Ҳалимжон билан чиқиб кетганини болохонадаги йигитдан билиб, яна ташвишга тушди. Уйга қайтгиси келмай, жар ёқасидаги хонадонларда очилган емакхонага борди. Бошига ташвиш дўли ёғилиб турганда ҳам иштаҳадан нолимайдиган одамнинг бу сафар томоғидан овқат ўтмади.

Кун ёйилганида шаҳар марказидаги уч қаватли бино ертўласига жойлашган идорага қараб юрди. Идора эшигидан ҳар сафар Асадбекнинг ёрдамчиси сифатида кирар эди. «Бугун сўнгги марта бу мартабада ўтяпманми, эртага хўжайини сифатида кираманми?» деб ўйлади.

Эндигина келган Бўтқа қизларни ишга солиб, хоналарни шамоллатган эди. Асадбек «Замон ўзгаряпти, қадамларингни билиб босларинг», дегач, тунги маишатларга барҳам берилган сабабли бу ер анча осойишта бўлиб қолган эди. Кесакполвон салом берган Бўтқага қараб «Бу бола менга керак», деб ўйлади-да:
— Расулжон ука, аҳволлар яхшими? — деб қўйди.

Бўтқа унинг бу муомаласидан ажабланди. Чунки у Кесакполвон томонидан «Ҳа, Бўтқа, қалайсан?» деб ҳол сўралувига кўникиб қолган эди.
— Раҳмат, акахон, чой қилайми ё қизилиданми? — Бўтқа шундай деб амрга маҳтал равишда унга қаради.
— Чойни қўятур. Бек акангдан дарак борми, бу ёққа келадиганми?
— Билмадим. Телефонлар жим.
— Менинг озгина ишим бор, ҳалақит бермай тур,— Кесакполвон шундай дегач, Асадбекнинг хонасига кирди. Унинг қиладиган иши йўқ, бўлажак суҳбат олдидан айтадиганларини яна фикр тарозусида ўлчаб олмоқчи эди.

Хонага кириб ўтиришга улгурмай Асадбекнинг овози эшитилди.

Асадбек эшикни очиб, ичкари кириши билан, бир маъно уқиш умидида, унинг кўзларига боқди: Асадбек кечагига нисбатан қувноқроқ кўринди. Қарашларидаги кечаги маҳзунлик, баъзан қора булут каби бостириб келувчи қаҳр энди йўқ. Бугундан эътиборан «собиқ хожа»га айланажак Асадбекнинг хуш кайфияти Кесакполвонга ҳам кўчиб, жилмайди. Зулм дарахтини биргаликда экиб, энди унинг мевасидан ким кўпроқ еяр экан, деган муаммони ҳал қилолмаётган бу икки банда орада хиёнат ҳам, ўлим ҳам, адоват ҳам бўлмагандай, бир-бирига оқибати зиёда одамлар каби илиқ кўришишди.
— Қаймоқхўрлик қиларман, деб борувдим, саҳармардонда жўнаворибсан. Кетинг ер искамайдиган бўлиб қолди, а? — деди Кесакполвон, меҳрибон дўст овози билан.
— Қадрдонлардан биттасини савобга йўқлаб қўй-дим, — Асадбек шундай деб, Кесакполвонни ажаблантирган ҳолда нигоҳини олиб қочди.
— Кимни?
— Сен уни танимайсан.

Кесакполвон «Мен танимайдиган қадрдонларинг ҳам борми?» деган маънода қараб қўйди-ю, гапни майдалашдан ўзини тийди. Шунинг баробаринда кеча хаёлига келган фикрни баён қилиш аҳди сусая бошлаганидан ғашланди. Ёлғонни ҳам, ростни ҳам бир хил оҳанг-да, кўзларини чақчайтирганича айтиб ташлайдиган одамни дангалчилик тарк этгандай эди.
— Маҳмуднинг ўрни билиниб турибди,— деди Кесакполвон, енгил хўрсиниб. — Ёнингда ўтиришига кўзларим ўрганиб қолган экан.
— Ўрни ҳали бери совумайди, — деди Асадбек, тагдор маънода, кейин Кесакполвоннинг елкасига қўл ташлаб, диван томон юрди. — Умри қисқа экан-да. Опичиб юрганингни кўрганимда бир-икки кунда ўлиб қолса керак, деб чўчиган эдим. Яна ҳам шунча яшади.
— Ишхонани бошқа ерга кўчирсакмикин? Хонага кирганда кўзга кўринавериб, одамни қийнаб юборади.

«Маҳмуднинг арвоҳи сени то гўрга киргунингга қадар таъқиб этиб, қийнайди. Қийноққа ўзинг харидор бўлиб, уни ўзинг сотиб олдинг», деб ўйлади Асадбек. Тил эса бошқа гапни айтди:
— Кўчиш керак. Кўнглингга ёқадиган жой топ.

Асадбекнинг «кўнглингга ёқадиган» деганига Кесакполвон унча диққат қилмади. Чунки айрим ишларни топшираётганда Асадбек «билганингни қил» ёки «кўнглингга қара» деб қўярди. Ҳозир Асадбек «кўнглимизга» эмас, «кўнглингга» деб атай таъкидлаган, бу билан «топадиган жойингда ўзинг иш юритасан», деган маънони сингдирмоқчи бўлган эди.

Диванга бориб ўтиришганда Бўтқа чойнак кўтариб кирди-да: «У-бу керакмасми?» деб сўради. Кесакполвон «у-буга ҳожат йўқлигини» айтгач, пиёлаларга чой қуйиб узатди-да, жимгина изига қайтди.
— Масковда Хонгирейни учратиб қолдим, — деди Асадбек, Бўтқа чиқиб кетгач. — Анавинда тўғри айтдинг: не бўлса ҳам мусулмонлиги бор бу боланинг. Козлов туфайли орамизга совуқлик тушди, деб афсусланиб юрувдим. Кўнгли кенг экан у чеченнинг. «Ўртамизда гина-кудурат йўқ», деб айтди. Мардлигига қойил қолдим. Шерикка ёлчибмиз, ошна. Ана энди ош-қатиқ бўлсак арзийди. Бир-иккита зўр ишларни мўл қўйган экан, ўзинг биллалашиб юритасан.

Бу сафарги «ўзинг биллалашиб» дейилуви Кесакполвоннинг диққатини четлаб ўтмади.
— Мўлжалидаги иш жуда катта, лекин жуда нозик, қалтис. Буни фақат ўзинг эплайсан.

Кесакполвон энди «ўзинг» шунчаки тилдан адашиб чиққан сўз эмаслигини англаб, таҳрир киритди:
— «Ўзимиз» дегин.
— Йўқ, энди бу ишларни сен юритасан. Сен билан мен учиб бораётган мошинанинг мурватларимиз. Мурват дегани эскийди, ишдан чиқади. Мурват янгиланмаса, ўзинг биласан, мошина абжақ бўлади. Иккаламиз билла юриб, ёмон бўлмадик. Энди мен четга чиқишим керак. Менинг ташқи кўринишим одам. Ичимни ҳали ҳам дард кемириб ётибди. Менга раҳминг келсин.

Жумбоқнинг бу қадар енгил ҳал этилишини кутмаган Кесакполвон бир оз довдираб қолди. Асадбекнинг аҳди қатъийми, самимийми ёки синаш учун айтяптими бу гапларни — фарқлай олмасдан гангиди. Собиқ хожасининг қарашлари, гапидаги оҳанг ичига яширинган сирни ошкор қилмади.
— Ҳа, нега жимиб қолдинг, гапир,— деди Асадбек.
— Нимани гапираман, Масковда жин-пин чалиб кетдими сени? Гапларингдан латта ҳиди келяпти. Касал бўлсанг, дамингни ол, ҳолингга қараб юравер. Сендан биров иш талаб қиляптими ё давлатнинг ишхонасига ўхшаб бюллетен кўрсатишинг керакми? Бир ёғинг-ни ёзга, бир ёғингни қишга қўйиб, таралла-бедод қилиб юравер, қанча иш бўлса, мен борман.
— Шуни айтяпманда. Ҳамма иш энди сенинг гарданингда бўлади.
— Гапни айлантирма. Сен — Асадбексан! Мен киссавурдан чиққан майда одамман.
— Илгари майда бўлган бўлсанг, энди йириклашасан. Масала ҳал бўлган, мен Хонгирей билан келишиб келдим.
— Нима, энди Хонгирей хўжайинлик қиладими?
— Хўжайин эмас, у сенинг шеригинг. Тенг шерик! Шуни унутмагину сира паст кетма. Яна бошингга чиқиб, ўтириб қўймасин.
— Бошни қотирма. Менинг шеригим ҳам, хўжайиним ҳам ўзингсан. Мени ташлаб, четга чиқсанг, номардсан.

Асадбек унга кулимсираб қаради: «Бу гапни энди Хонгирейга айтасан. Хурсандликдан ёрилиб кетай деяпсан-ку...» Асадбек собиқ аъёнига шундай дегиси келди. Сўнг бўралаб сўкишни, кейин юмшоқ ерига боплаб бир тепишни истади. Кўнгил жилови бўш қўйилса, нималарни истамайди. Вақти-вақти билан «портлаб» кетувчи Асадбек бу сафар кўнгли ҳукмига бўйсунмади, кўнглини азобларга қолдириб, кулимсиради. Тил ва дил бирлигини бутунлай йўқотди.
— Гапларингни қара, четга чиқиб сен билан юзкўр-мас бўлиб кетяпманми? Ўша ошналигимиз, ўша қадрдонлигимиз бир мисқол ҳам камаймайди. Гўримга кетгунимча ёнингдаман. Фақат ҳамма ишни ўзинг мустақил юритасан. Хонгирей мўлжаллаган ишда иккита ақлнинг биттаси ортиқчалик қилади. Энди мен сенга иш буюрмайман. Ҳа, айтмоқчи, охирги марта битта иш буюраман, хоҳласанг ҳам, хоҳламасанг ҳам бажарасан,— Асадбек ўрнидан туриб, қўлида кўтариб кириб, столи устига қўйган газитга ўроғлиқ нарсани олди-да, Кесакполвонга узатди:
— Нима бу? —деб ажабланиб сўради Кесакполвон.
— Пул. Масковга кетмасимдан олдин Шарифнинг хотини берувди, — Асадбек гапининг ёлғонлигини ошкор этиб қўймаслик учун ҳамсуҳбатга қаттиқ тикилди.

...У эрталаб барвақт туриб, қабристондаги учрашувни эслаган, кун ёйилганда, аёлнинг идорага келишини истамай, уйига ўзи борган эди. Кесакполвон танимайдиган «қадрдонлардан биттаси» шу аёл эди.

Чала қурилишни кўриб, «ҳали ҳам битириб беришмабди-да», деб ғашланган бўлса, эски дарвозага осиқлиқ қулф уни ажаблантирди. Кўчага сув сепиб, супураётган қўшни аёлдан буларнинг қаердалигини сўраб, «уйни сотиб кетишган», жавобини эшитди-ю, таажжуби янада ошди.

Насиба болаларини олиб, онасиникига кўчиб кетган экан. Асадбек қўшни аёлдан унинг манзилини билиб, қидириб борди. Шариф Намозовнинг уйидан ҳам ҳароброқ бўлган уйга болалари билан кўчиб келган аёлнинг аҳволи қандай эканини биров айтмаса ҳам, Асадбек ҳис этди. Асадбек ота уйига турли сабаблар туфайли қайтиб келган аёлларнинг қисмати ҳақидаги гапларни кўп эшитган. Уйлар кўп, яшаш бемалол бўлган тақдирда ҳам бир қориндан тушган жигарларнинг бир ҳовлида яшамоқлари жуда мушкул. Уйни сотиб келган бу аёлнинг ака-укалари бордир, демак, уйнинг «келин» деб аталмиш норасмий эгалари бордир...

Асадбек шуларни ўйлаб, машинада ўтирганида Ҳалимжон Насибани бошлаб чиқди. Аёл Асадбекни кўриб, бир тўхтаб олди. Сўнг чўчибгина яқинлашди. Асадбек уни бу қўрқувдан қутқариш мақсадиди машина эшигини очиб, ўтирган ерида уни қаршилади.
— Маҳаллангизга йўлим тушувди, ғалати гапни эшитиб қолдим-ку? Синглим, уйни сотибсизми?

Насиба титроқ бармоқларини санаётгандай тикилиб қолди.
— Нега сотдингиз?

Насиба Асадбекка қараб олди. Унинг кўзларида ғазаб учқунини кўрмагач, сал дадилланиб, бир хунук йигитнинг пул талаб қилгани, кейин болаларини ўғирлаб кетганини айтди.
— Шунақа экан, нега менга бориб айтмадингиз? — деди Асадбек гина оҳангида.
— Борувдим, касал экансиз, ёрдамчингиз «биз бунақа жиноят ишларга аралашмаймиз, бошқа келманг», дедилар.

Асадбек бу гапни эшитиши билан кўз олдига дарров Кесакполвон келди. Чувриндининг бунақа демаслигига амин бўлса-да:
— Бўйи узунроқ, гавдали, мендан сал ёшроқ одаммиди? — деб сўради.
— Йў-ўқ... бўйлари сиздан анча паст эди...
— Ҳа... қора чигирткага ўхшаганми?

Аёл «ҳа» ишорасини қилди.
— Қабристонда менга шуни айтмоқчимидингиз?
— Йўқ... ҳозир... — Насиба шундай деб тезгина изига қайтди-да, сал ўтмай, қўлида газетага ўралган бир нимани Асадбекка узатди.
— Нима бу? — деб сўради Асадбек, газета ўрамига қўл узатмай.
— Бу... сотилган уйимизнинг қолган пули.
— Нима? — Асадбек «бу хотиннинг эси соғми?» дегандай тикилиб қаради. — Бу пулни... нега менга бер-япсиз? Ё... эрингиз васият қилувдими?
— Шариф акамнинг бир оғиз сўзларига зор бўлиб қолдик-ку... — Насиба шундай деб хўрсинди. Сўнг Асадбекка дадилроқ қаради: — Бу пул қурдираётган уйингизники. Бугун шу омонатни бергани бормоқчи эдим.

Асадбекка Насибанинг бу қилиғи малол келиб, аччиқланди, юзлари учди. Жеркиб ҳам бермоқчи бўлди. Аммо жаҳл учқуни аланга олмай, «бу бечорада айб йўқ-ку», деган фикрда ўзини тийди. «Пул ўзингизда қолаверсин, болаларга ишлатинг», демоққа оғиз жуфт-лади-ю, аммо хаёлига бошқа бир фикр келиб, бу гапни айтмади. Фақат... Ҳалимга кўз қараши билан «пулни ол» деган ишора қилди...

...Ҳозир ўша пул ўрамини Кесакполвонга узатганида Насибанинг титроқ лабларидан учган сўзлар қулоқлари остида жаранглагандай бўлди.

Кесакполвон Насибанинг нажот истаб келганини эслади. «Бек нима учун буни кавлаштириб юрибди? Энди шу хотинга ёрдамлашмаганим учун сиқувга олмоқчими?» — деб ўйлади. Лекин у кутган гап айтилмади. Асадбек:
— Хотин зоти асли ақлсиз бўлади, ўзинг биласан. Шарифники аҳмоқликда ҳаммасидан ўтиб тушаркан. Эрини кўмиб келиб, уйни сотибди. Пулнинг чўғига қараганда озгинасини ишлатиб қўйганга ўхшайди. Энди мен аралашсам ярашмайди. Сен уйни сотиб олган одамга ётиғи билан тушунтир, пулини қайтиб олсин. Пулнинг етмаганини қўшарсан, иложинг бўлмаса, мен бера қоламан, — деди-да, пул ўрамини Кесакполвоннинг тиззаси устига қўйди: — Бу менинг охирги буйруғим. Бундан буёғидагилари энди илтимос бўлади.
— Сен нима қилаётганингни билаяпсанми?! — Кесакполвон аччиқланиб туриб кетди. — Сен мени... пичоқсиз сўйяпсан!

Кесакполвоннинг бу ҳолати Асадбекка роҳат бахш этди. Кўзлари кулди. «Қани эди, сен маразни ўтмас пичоқ билан киндигингдан бўғзингача сўйсам», деб ўйлади.
— Ҳайдар, сен ҳозир ловиллаяпсан, майли, бир гуриллаб ол. Лекин эртага ҳовуринг босилади. Ўшанда «Асад тўғри қилган экан», дейсан. Менинг гапларим шу ерда қолади, а? Дўст-душман бу ўзгаришни билмай қўяверсин.— Асадбек шундай деб ўрнидан турди-да, енгил керишди. — Аслида икки-уч йил олдин шундай қилишим керак эди. Ҳозир елкамни эзиб турган тоғ бирдан ағдарилди. Энди уйга бориб бола-чақа билан ғам-ташвишсиз, би-ир чақчақлашиб ўтирай. Эрталабдан худо хоҳласа, тўйни ҳаракатини бошлаймиз. Маҳмуднинг қирқи ўтиб олсин, би-ир тўй қилайлик, а ошна?

Бир-бирларини «ошна» деб атаганлари билан ораларида ҳеч қачон соф, самимий дўстлик бўлмаган, аксинча, Жалилнинг таъбири билан айтганда фақатгина манфаат қоидасига итоат этиб яшаган бу икки одам дилларини қафасга солганлари ҳолда, фақат тил учида гаплашдилар. Тиллардан гўё бол томди, дил эса захарли ўқларга тўлди.

Қалблар узил-кесил душманга айлангани ҳолда хайр-лашдилар.

Бирови собиқ, бирови эса янги хўжайин сифатида кўчага чиқдилар.

XII боб

1

Зоҳид Ҳамдам Толиповнинг келишини кутиб ўтирган эди. Ваъдасига хиёнат қилмайдиган Ҳамдам бу сафар нима учундир кечикаётган эди. Зоҳид бетоқатланиб, соатига бир неча марта қараб-қараб олгач, Ҳамдамнинг хонасига қўнғироқ қилди. Жавоб бўлмагач, навбатчининг рақамларини терди. «Толиповнинг чиқиб кетганига бир соатдан ошди», деган жавобни эшитиб, нима қиларини билмай ўтирганида унга «Миркаримовнинг «Иши» бўйича Эркаева деган аёл келиб, сў-раётганини» маълум қилишди. Кутилмаган бу ташриф аввалига Зоҳидни таажжубга солди, сўнг эса «тинтувда олинган нарсаларини сўраб келгандир», деган фикрда аёлга рухсатнома буюрди.

Ойсанам кириб ўтиргач, Зоҳид дабдурустдан «нега келдингиз? Менда нима ишингиз бор?» демай, ҳол-аҳвол сўради. Ойсанам бу илтифотга жавобан «юрибмиз, Худога шукр», деб қўйди. Сўнг бир нафас сукут қилди-да, муддаога кўча қолди:
— Мен... акамни чиқариш масаласида келувдим.
— Чиқариш масаласида? — Зоҳид Ойсанамга тикилиб қаради. — Биров чиқараман, деб ваъда қилувди-ми?
— Йўқ... — Ойсанам бир оз тараддудланиб, қўлидаги кириш рухсатномасини буклай бошлади. Кейин ўзига тикилиб турган кўзларга қараб олгач, синиқроқ овозда мақсадини баён қилди: — Орадан неча ой ўтяпти. Гуноҳлари бўлса, бўйинларига қўйиб қамавормайсизларми? У ёқда акам азобдалар, бу ёқда болалари эзилиб кетишди.

Ойсанам «гапларим таъсир этяптими?» дегандай яна бир қараб олди. Бу сафар нигоҳи тикилиб турган кўзларга тўқнашмади. Зоҳид «майли, қанча гапи бўлса гапириб олсин», деган мақсадда ундан кўзларини узиб, столи устидаги қоғозларга тикилиб ўтирарди. Бундан пича қувватланган Ойсанам гапларини дадилроқ давом этди:
— Уйимга борганингизда ҳам айтганман: акамда айб йўқ. Асли... пешонамиз шўр бизнинг. Ҳамиша ҳар хил балолар изимиздан қувиб юради. Дадам раҳматли ишхоналарида бир палакат билан мажруҳ бўлиб қолувдилар. Ойим бечора бизларни минг-минг азоблар билан боқиб катта қилдилар. Яшаётган уйимга қараб, менга баҳо берманг. Биз камбағалликда, меҳнат билан, ит азобида катта бўлганмиз. Акамнинг уйларини бориб кўрдингизми?

Зоҳид бош чайқаб, «Борганимча йўқ», деди.
— Бориб кўринг: икки уй бир дахлизда олти боласи билан ўтиради. Кеннайим кутубхонада ишлайдилар. Тўқсон сўм маош билан олти боланинг қорнини ўйласинларми ё уст-бошига қарасинларми? Кеча борсам... йиғлаб ўтирибдилар. Боқчада бир тадбир бор экан, ширинлик пишириб келишни сўрашибди. Мактабга эса, бўёққа пул беришлари керак экан. Мен бу азобларни айтаверсам, бунақа гапларни атторнинг қутисидан ҳам топа олмайсиз... Сиз текшириб, тагига еткунингизча яна неча ой ўтаркин. Худо хайрингизни берсин, акамни қўйиб юборинг. Ишлаб, болаларини боқсинлар, ҳеч қаёққа қочиб кетмайдилар. Ахир тилхат олиб, кейин чиқарасизлар-ку, болаларига раҳмингиз келсин.

«Атторнинг қутисидаги гаплар» тугади шекилли. Ойсанам енгил хўрсингач, жим бўлди.

Бу каби хасратлар барча терговчилар қаторида Зоҳид учун ҳам янгилик эмас. Бировнинг шўрини қуритишдан аввал ҳеч ким бечорахол бўлмайди. Қўлга тушиб, қамалгач, унинг «ҳаётда эзилгани», кўп «ғурбат чеккани» «маълум бўлиб қолади». Бундай ҳасратларни эшитган одам жабрланувчига эмас, балки зулм қилганга ачиниши керак бўлиб қолади. «Ҳа, энди ўлган ўлиб кетди, бу одамни қамаганингиз билан мурда тирилиб қайтиб келармиди», «Ҳа, энди бир ёшлик қилиб, ўғирликка тушибди-да, нарсаларини қайтариб берди, раҳм қила қолинг», «Терговчи ука, бу ҳам йигитчиликдан-да, бир тепиб, иккитагина мушт урганга ҳам шунчами? Ёрилган жойи битиб кетибди, сиз ҳам «иш»- ни ямаб қўя қолинг» — хасратларнинг сўнггида очиқ айтилмаса-да, шу каби илтимослар яширинган бўлади. Ўз-ўзидан маълумки, мазкур «Иш» «бир ёқлик қилингач», «суюнчиси» кутиб тургани ҳам қистириб ўтилади. Кейин эса... «Шу арзимаган ишни ёпди-ёпди қилиб юборса ҳам бўларди, терговчи ўлгурда раҳм-шафқат деган нарса йўқ экан», деб ҳукм чиқарилади. «Арзимаган иш» туфайли неча кишининг жабр тортгани эса тарози палласига қўйилмайди.

Уйида хушламайгина гаплашган Ойсанам ўзгалардан фарқли ўлароқ, талабини очиқ айта қолди. Ўша куни осмонда эди, овозлари баланд пардада эди, бугун нечун ерга тушди, нечун ҳазин оҳангда гапиряпти? Наҳот келин аясининг кўз ёшлари унга бунчалик қаттиқ таъсир этди экан? Эри қамалганидан бери у аёл хасратларини энди баён қилибдими? Балки эрининг топган-тўплаганларини еб адо қилгач, кўзларига ёш келдими?

Зоҳидни бу каби саволлар унча қийнамади, чунки Ойсанамнинг кўз ёшлар таъсирида эмас, кимнингдир даъватига кўра келганига кўпроқ ишонарди. Бунақа ҳолларда маслаҳатчилар кўп бўлишини билгани учун «Уни ҳузуримга ким юборди?» деган муаммога жавоб излаш ҳам Зоҳид учун айтарли аҳамиятли эмасди. У Ойсанамнинг ўз оёғи билан кириб келганидан фойдаланиб, кечаги сўроқ пайтида эшитган маълумотларини солиштириб, текшириб олиш пайида эди.

«Атторнинг қутисида йўқ гаплар»нинг тугаб қолгани Зоҳидни сўроқни бошлашга даъват этди.
— Опа, у воқеага саккиз ой бўляпти. Кўп нарсалар хаёлингиздан кўтарилгандир. Баъзи нарсаларни сўрасаму эслолмасангиз, ҳижолат бўлманг, — деди Зоҳид меҳрли оҳангда. У «самимий тарзда гапирсам, аёлнинг кўнгли юмшаб, кўпроқ гап оларман», деб янглишди. Ойсанам биргина ширин сўзга кўнгли ийиб кетадиган тоифадан эмасди. Болалигидаги қийинчиликлар уни то муддаога етмагунича сув келса симиришга, тош келса кемиришга ўргатган эди.

Бу хонадаги айни ҳолатнинг ажабланарли ери шунда эдики, терговчи бўлмиш Зоҳид рўпарада ўтирган хушсурат аёлнинг, ҳуқуқшунослик тили билан айтилганда ҳозирча жабрланувчи ва қисман гувоҳнинг кўнгли юмшашидан умидвор эди.

Ёшлик гўзаллиги билан видолашишни истамаётган Ойсанам эса, Зоҳиддан фарқсиз ўлароқ, қаршисидаги «ғўр» терговчининг кўнгли юмшаши оқибатида талабини амалга ошириш умиди билан ўтирарди. Зоҳиднинг гапларини эшитгач:
— Сўроқларингизга тўппа-тўғри жавоб бераман. Ке-йин акамни чиқариб юборасизми? — деб сўради.

Зоҳид «Ўзимнинг ҳам шундай ниятим бор эди, аммо, акангизнинг қамоқда ўтиргани ўзи учун фойдали. Балки унда бировнинг қасди бордир, балки эрингизнинг қотили акангизни ҳам даф қилар?» деб ниятини ошкор қилишдан ўзини тийди. Аёлга тикилиб туриб, истеҳзоли жилмайди-да:
— Опа, бунақа олди-берди бозорда бўлади. Бу ер прокуратура, — деб аёлнинг попугини сал пасайтиргач, сўроқни бошлади: — Акангиз эрингизнинг йўқолгани ҳақидаги хабарни сизга қай вақтда айтдилар? Тахминан пешин пайтлари эдими?
— Йўқ, кеч кирувди. Соат ўнтакам тўққиз эди.

Ойсанамнинг ўйлаб ўтирмай аниқ жавоб қайтариши Зоҳиднинг эътиборидан четда қолмади.
— Демак, йигирмаю эллик. Шу аниқми? — деб сўради аёлдан кўзларини узмай.
— Аниқ. Ўғлим Масковдан бериладиган «Хайрли тун»ни яхши кўради. Степашка билан чўчқачанинг гаплари тамом бўлиб, мултфилм бошланганида акам кириб келувдилар.

«Тўғри», — деб ўйлади Зоҳид, Эшпўлатовнинг сўроқдаги жавобини эслаб. Эшпўлатов уйга кириб келганида синглиси билан жиянининг мултфилм кўриб ўтиришганини айтган эди. Ҳар икки жавобнинг бу қадар бир-бирига аниқ мос келиши Зоҳид учун муҳим бир илгак каби туюлди.
— Эрингиз эрталаб ишга бормаган, ўйнашиникида ҳам йўқ, — Зоҳид бу сафар дангалига «ўйнаши» де- ди-ю, гапи қандай таъсир этишини билмоқ учун бир нафас сукут қилди. «Ўйнаш» деган сўздан Ойсанам ғашланмагач, Зоҳид гапини давом эттирди: — Акангиз бу орада уйингизга бир келиб кетмадиларми?
— Келиб-кетдилар, лекин индамадилар.
— «Нега бир ўзингиз келдингиз, эрим қани, кечаси ҳам келмади», деб сўрамадингизми?
— Сўраб нима қиламан? Акам йўллари тушса чой-пой ичгани кириб турардилар. Эримнинг улфатлари кўп. Кўпинча тонготар ўтиришади. Келмай қолишларига кўникиб кетганман.
— Фақат улфатлариникида қолармидилар?
— Мақсадингизни очиқроқ айтаверинг: ўйнаши демоқчимисиз?
— Ўйнашлари борлигини билармидингиз?
— Билардим, лекин бошқаларга ўхшаб куйиб-ёнмасдим. Худо инсоф берсин, дердим.
— Кўнглингиз кенг экан.
— Кенг бўлди нима-ю, тор бўлди нима? Униси ҳам бир бало, буниси ҳам. Ҳозир ўйнаш тутмайдиган эркак борми ўзи?
— Агар дунёга сизнинг кўзларингиз билан қаралса, йўқдир?
— Келинг, бу ҳақда гаплашмайлик, — деди Ойсанам қўл силтаб. — Мен институтларда ўқимасам ҳам, ҳаётнинг ҳар қанақа дарсларини кўрганман. Сиз «мени эрингизга ўхшатманг, ўйнашим йўқ», демоқчисиз-да, а? Тўғри, ҳозир йўқдур. Ҳозир ёшсиз.Эр-хотин бир-бирларингизнинг жонларингизга текканингиз йўқ. Яна беш-ўн йилдан кейин ҳар қандай сулув хотин ҳам эри учун «пуф сассиқ» бўлиб қолади. Кўнгил янгисини тусайверади. Хотинидан беш баттар исқиртроқ бўлса ҳам майли, янгиси топилса бас! Сиз билан ўшанда гаплашаман, ука.
— Келинг опа, бу ҳақда ҳозир ҳам, беш-ўн йилдан кейин ҳам гаплашмайлик. Шу топда иккаламиз ҳал қилиб оладиган бошқа муҳимроқ муаммо бор. Демак, акангиз келганларида ўғлингиз билан телевизор кўрятувдингиз, а? Қайси мултфилм эди, эсингиздами?
— Мултфилмни эримнинг ўлимига нима алоқаси бор? — деди Ойсанам норози оҳангда.
— Қандай алоқаси борлигини кейинроқ айтаман сизга. Ҳозир эса эслашга ҳаракат қилинг. — Зоҳид «бу хонанинг эгаси менман, савол бердимми, демак, жавоб олишим шарт», дегандай стол устига икки-уч черт-ди. Ойсанам унинг бармоқларига қараб қўйди-да, сўнг нигоҳини дераза оша ташқарига қадади.
— «Сеними, шошмай тур!» эмасмиди? — деб ёрдам бермоқчи бўлди Зоҳид.
— Йўқ, у эмасди. Ҳа, «Винни Пух» эди. Акам кириб келганларида ўғлим «Ана, Винни Пух тоғам келдилар», деб, мендан қулоқ чўзма евди.

«Бунчалар аниқлик! Бунчалар хотира! Эрининг йўқолгани ҳақидаги ташвишли хабар, сўнг ўликнинг сувдан топилгани... бу ғам-аламлар ҳам хотирага таъсир этмабди-да? Хўп, бунинг-ку ўғли «Винни Пух тоғам келдилар» деган экан, Эшпўлатов-чи? У мултфилмни нега эслаб қолди?» Зоҳид шу ўринда калаванинг бир учини топгандай кўнгли ёришиб, савол-жавобни шу мавзу атрофида давом эттирди:
— Мултфилмни охиригача кўрдингизми?
— Мен чой дамлагани турдим. Ўғлим тоғаси билан бирга ўтириб кўрди.
— Демак, акангиз хавотирларини сизга дарров билдирмаганлар?
— Шунақа бўлди. Мени қўрқиб кетмасин, дегандирлар. Бир пиёла чойни совутиб ичиб, кейин айтдилар.
— Нима деганлари эсингиздами?
— «Эринг йўқолиб қолганга ўхшайди, нима қиламиз, милисага хабар берамизми?» дедилар.
— Сиз нима дедингиз?
— Нима дердим, юрагим шув этиб кетди. Қўлларим қалтираб, гапиролмай қолдим. Ўзи эрталабдан кўнглим ғаш эди.
— Демак, сал ўзингизга келволиб, сўнг милитсияга хабар қилдингларми?
— Йўқ, аввалига ўртоқларини чақиртирдим. Болаликдан бирга катта бўлган оғайнилари бор, менга ишонмаган сирларини ҳам ўша кишига айтардилар.
— Толмас Хайриевми?
— Ҳа, буларни олдинги терговчига ҳам айтганман.
— Биламан.

Шу пайт эшик очилиб, остонада Ҳамдам Толипов кўринди. «Ие, банд экансан-ку, чиқиб турайми, нима қилай?» дегандай Зоҳидга савол назари билан қаради. Хона соҳибидан бир ишорат бўлмагач, «гаплари зарурмасдир», деган фикрда ичкари кирди-да: «Қалайсан, ўртоқ прокурор!» деб сўрашди. Сўнг зийрак нигоҳини Ойсанамга қадаб, у билан ҳам саломлашди. Зоҳид Ҳамдамнинг ҳеч бир лутфсиз тўғри кириб келаверишига кўникиб қолгани учун унга «сабр қилинг», деб ишора қилмаган эди. Сўроқни унинг иштирокида давом эттиргиси келмай, Ойсанамнинг қўлидан рухсатномани олиб, имзо чекди-да:
— Бир-икки кундан сўнг яна учрашамиз, — деди.

Ойсанам суҳбатнинг бу қадар кутилмаган тарзда узилишига сабабчи бўлган Ҳамдамга норози қиёфада бир қараб олди-да, иложсиз равишда ўрнидан турди. Сўнг:
— Акамни қачон чиқарасиз? — деб сўради.
— Вақти келганда айтамиз.

Бу гап Ойсанамга ёқмади, шарт бурилди-ю, «хайр» ҳам демасдан хонадан чиқди.
— Ким бўлди бу хоним, димоғига куя пашша ўтириб кетган-ку, а?

Зоҳид унинг кимлигини айтгач, Ҳамда Толипов узун ҳуштак чалиб қўйди-да:
— Нега ҳуштак чалганимни билдингми? — деб сўради.
— Билмадим, — деди Зоҳид қоғозларини тортмага сола туриб.
— Бир одам «ҳамма нарсага қодирман», деб мақтанганида Афанди шунақа ҳуштак чалиб, «шу ҳуштагимга тўртта тугма қадаб бер-чи», деган экан. Сен яна ҳуштакка тугма қадамоқчимисан?
— Киноянгизга тушунмадим?
— Киноя эмас, бўладиган гап бу. Яна асадбекларнинг обрезига бурнингни тиқмоқчимисан?
— Ҳар ҳолда текшириб кўриш керак.
— Миркаримовнинг ўлганига ярим йилча бўлди шекилли, а?
— Саккиз ой, — деб аниқлик киритди Зоҳид.
— Ана, саккиз ой! Илёсов ишни бекорга чўзмайди. Сенам чўзавер, бошингни оғритма.
— Э, ака, оғриб турмайдиган бошнинг кимга кераги бор. Очиғини айтсам, бу сафар Асадбекнинг кўчасига қараб юрмайман.
— Ие, нечук?
— Миркаримовнинг асадбеклар билан боғлиқлиги бор. Яна бир томони Ҳосилбойвачча. Лекин Миркаримовни уларнинг одамлари ўлдирмагандир, деб турибман.

Ҳамдам яна бир марта истеҳзо билан «Нечук?» деб қўйиб ундан изоҳ кутди.
— Кеча ўликни ёриб кўрган эксперт билан гаплашгандим. Миркаримов ўлдирилиб дарров сувга ташланмаган, бир-икки кун ерга кўмилиб қўйилган, деб тахмин қиляпти.
— Тахмин қиляпти? Нима, аниғини билмас эканми?
— Аниқ бир қарорга келолмагани учун хулосага ёзмаган экан.
— Оббо... аниғини билолмаса ўликни тамоша қилиш учун ёрибдими? — Ҳамдам шундай деб ўйланиб турди-да, кейин гапини давом эттирди: — Унда бир иш қиласан. Хўжайинларнинг нимаси кўп, мажлислари кўп. Кунда бир-икки мажлисни овлашмаса еганлари ичларига тушмайди. Миркаримовнинг йўқолгани ҳақида қачон хабар берилган?
— Ўн тўққизинчида.
— Демак, сен ўн бешинчидан то ўн тўққизгача бўлган мажлис ахборотларини титиб чиқ. Қайси кундан бошлаб мажлисларда йўқ бўлганини билсанг, калаванинг учини топасан. Кейин мижғовланиб, эзилаверма. Сенга минг марта айтганман: масалани шартта-шартта ҳал қил. Битта-яримтанинг бурни қонаса ҳеч нима қилмайди. Мана, кечаги ишим: йигирма саккиз яшар йигит бошини деворга уравериб ўлиб қолганмиш. Афғонда яралангани учун бир хил пайтда ўзини билмай қоларкан. Ўликни ёрадиганларинг шунақа хулоса ёзиб беришибди. Ўликнинг отаси ҳам, хотини ҳам «ичволиб бошини деворга ураверди», деб туришибди. Ўликнинг бошини ушлаб қарасам, суяк йўқ ҳисоб, майдаланиб кетган. Шунақа бўлиши мумкинми?
— Қаттиқроқ урган бўлса...
— Йў-ўқ... — Ҳамдам ўзининг топқирлигидан ўзи маст бўлиб, қувлик билан кулди. — Қаттиқ урганда ҳам, битта ёки иккитада ҳушидан кетади. Суяк майдаланиб, жони чиққунича уравермайди. Хўш, мен нима қилдим? Шартта хотинини чақирдиму қамаб қўйдим, ҳомиладорлигига ҳам қарамадим.
— Шунақа ишларингиз бир кунмас бир кун...

Ҳамдам Зоҳиднинг гапини бўлди:
— Бошимни ейдими? Мен бир нарсанинг исини сезмасам, қоидадан чиқмайман. Сенга ўхшаб савол-жавоб қилиб ўтирсам, иш битмас эди. Хотинга бир кеча етарли бўлди: эрталаб ҳаммасини айтди: ота-бола орасида уруш чиқиб, ўғил отага ҳамла қилган экан. Ота эса таёқ олиб боласини ураверган. Энди сенга маслаҳатим: «гумондаги шахс» дегину битта-иккитасини ўтқизиб қўй. Қамоқдан ўлгудай қўрқадиган одамлар кўп бу дунёда. Биттаси индамаса, иккинчиси албатта гуллайди.

Зоҳид бунга ўхшаш насиҳатларни аввал ҳам етарли равишда эшитгани учун кулимсираб қўя қолди. Ҳамдам бу кулимсирашнинг маъносини ўқиб:
— Тушунарли, сенинг вазифанг — қамаш эмас, балки адолат тантанаси! — деб қўйди. Сўнг унга савол назари билан қаради: — Кеча оқсоқолни кўргани бормабсан-ку?

Кеча телефонда гаплашганларида Зоҳид маёр Солиевни йўқлаб бормоқчилигини айтган, Ҳамдам эса бош қашишга ҳам вақти йўқлигини билдирган эди. Аксига олиб, Зоҳиднинг экспертизага оид ишлари чўзилиб, касалхонага боролмади. Зоҳид шу сабаб туфайли боролмаганини узр оҳангида айтди-да:
— Ўзингиз ўтганга ўхшайсиз? — деб сўради.
— Ўтдим. Оқсоқолнинг кайфияти чатоқ, — деди Ҳамдам. — Энди ишга қайтолмаслигидан сиқиляпти. Бу ҳам майли, — Ҳамдам шундай деб чалиштириб ўтирган оёқлари ўрнини алмаштирди, — устозинг «Қассоб»га ачиняпти. Индамасам, кўз ёши қиладиган. Юрак қолмабди оқсоқолда.
— Қўйсангиз-чи, баъзан ошириб юборасиз.
— Ошираётганим йўқ. «Ёмон ўлим топди», дейди. «Ҳаёт уни жиноят кўчасига киришга мажбур қилган», дейди. Қассобнинг онаси фоҳиша бўлган экан, болалигида кўп руҳий азоблар тортган экан...
— Мақсуд аканинг гапларида жон бор. Кўп жиноятларнинг илдизини айнан болаликдан излаш керак. Ҳаётдан зада бўлган боланинг жиноятга кириши осон. Лекин терговда ҳам, ҳукм чиқаришда ҳам бу сабаблар, бу руҳий ҳолатлар ҳисобга олинмайди. Ҳукм учун жиноятнинг ўзи муҳим.
— Ана энди ўзинг оширвординг. Сенинг шу олимлигинг ўзингни қийнайди. Ҳаёт дейсан, а? Нима, дунё-даги ҳамма фоҳишаларнинг ўғиллари улғайганида хотинларни ўлдириб, гўштидан чучвара тугиб еб юришибдими? Эртага Миркаримовингнинг қотилини топгин-да, кейин «буни ҳаёт мажбур қилган», деб қўйиб юбор. Менам чолнинг паттасини қўлига бериб қўя қолай. Ҳар ҳолда уни ҳам ҳаёт мажбур қилган.
— Ҳамдам ака, гапимни тўғри тушунмадингиз?
— Тўппа-тўғри тушундим, оғайни. Мен учун икки одам бор: жиноятчи ва жабрланувчи. Орада ҳеч қанақа ҳаёт йўқ. Агар менга қўйиб беришса, Миркаримовингнинг қотилини қидириб, овора бўлиб юрмас эдим. Нимагалигини биласанми?
— Тахминан биламан.
— Тахминани ҳисобмас. Сен қотилни топгину ке-йин Миркаримовни тирилтиргин-да, «Ўрнингизда қотилингиз ёта туради», дегин-чи? Сенга раҳмат ҳам демай, аблахлигини келган жойидан давом эттираверади. Сен қилаётган ишимизнинг жамиятга фойдасини гапиришини ёқтирасан. Хўп, бир аблаҳнинг қотилини топишдан қандай наф бор?
— Нима учун уни аблаҳ деяпсиз?
— Асадбекнинг нушхўрдини ялаб юрган одам яхши бўлмайди. Унга биров қасд қилмаган, унинг ўзи ўлимини сотиб олган. Нушхўрдга қаноат қилмай, дастурхондаги лаганга қўл узатиб бўккан у.
— Яхши тахмин айтдингиз, ўйлаб кўриш керак.
— Ўйла, прокурор. Сен олим боласан, ўйламасанг ҳисобмас. — Ҳамдам шундай деб соатига қараб олгач, ўрнидан турди. — Прокурор, бир соат вақтим бор. Хоҳласанг, мишмишхонамга ўтиб, лағмонхўрлик қилайлик. Менга аталган гапларингни ўша ерда айтарсан. Кейин мен ишимга кетаман, сен эса... — Ҳамдам истеҳзо билан кулди: — ўйлаб ўтираверасан.

Зоҳидга бу режа маъқул келди.

Лағмонхўрлик хуш ёқиб, Ҳамдам Толипов Зоҳид учун ажратган бир соатига яна ўттиз дақиқа қўшди. Ҳар нарсада тартибни маъқул кўрувчи Зоҳиднинг соатга қараб қўйганини сезган Ҳамдам, яна чой буюргач:
— Ишга мен шошяпман, сен нега соатингга қараяпсан? — деб сўради.
— Сизни биров кутаётган бўлса...
— Кутаётган бўлса, кутаверади, сен ташвишланма. Ҳозир бориб чол билан келинни юзлаштирадиганман. Майли, бир оз юраклари сиқила турсин.
— Шу одатингиз ҳали ҳам қолмабди-да, а?
— Қайси одатим? — деди Ҳамдам. — Бетартиблигимми?
— Ҳа.
— Бу одат эмас, прокурор, бу — қўндоқда теккан касал. Битта одам айтиб кетган экан: «Ёшликда одат қилсанг — қаригунингча кўникасан, қариганингда одат қилсанг — кўниккунингча кўмиласан.» Зўр гап эканми? Шунақа, оғайни, ҳали ёшмиз, қаригунимизча ақлимиз кириб қолар. Қариганда ҳам қуйилмасам, бунинг дориси бор: гўримга олиб кетаман. Иҳ, эсдан чиқай дебди-ку, эрталаб бўшмисан?
— Ҳа, нима эди?
— Бугун ярим кечадан бошлаб очларнинг юриши бошланади. Маҳмуд

Эҳсоновингнинг эсон-омон кўмилганига ўн тўққиз кун тўлиши муносабати билан катта тантаналар бўлади. Қўрқма, ош бизга ҳам етади, камида уч-тўрт юз кило гуруч дамланар, борасанми?
— Йўқ, — Зоҳид ўйлаб ўтирмай рад жавобини айтди-да, сўнг ҳазил тариқасида изоҳ берди: — қорним тўқ.
— Меники ҳам тўқ. Лекин мен ошхўрликка эмас, тамошага бораман. Бормасам еган лағмонимни ҳазм қилолмайман.

Ошхона хизматчиси дамлаб келган чойдан бир пиёладан ичишгач, қўзғолишди. Ҳамдам йўловчи машина тўхтатиб, кетди. Зоҳид эса пиёда юргиси келди. Кечаги изғириндан сўнг кун бирдан илиб, фасллар курашида энди баҳорнинг қўли баланд келганидан далолат берган эди.

Зоҳид адолат хусусида фикр юритгудай бўлса, баҳор фаслини кўз олдига келтиради. «Баҳор ҳам, адолат ҳам беқарор, — деб ўйлайди у. — Уларни интиқиб кутасан, энди кўз қувониб, кўнгил яшнаган пайтда иккови ҳам одам зотига хоинлик қилади».

Зоҳиднинг бундай фикр қилиши бежиз эмас. Баҳор ўз ўрнини жазирама ёзга бўшатгани каби адолат ҳам чекиниб, ноҳақлик рўпарасида ожиз бўлиб қолади. Баҳор билан адолатнинг фақат рамзий маънодагина ўхшашлиги мавжуд. Аслида эса баҳорнинг келиб-кетиши инсон ҳукмида, ёки истагида эмас, табиатнинг ўзгармас қонуни эканини ҳамма билади. Баҳордан фарқли ўлароқ, адолат табиат ҳукмида эмас, балки у инсон ақл-идроки, иродаси, мақсади йўлидаги хатти-ҳаракатига боғлиқ. Инсон болалари истасалар адолат қиладилар, истамасалар — йўқ. Адолатга етганларида суюнадилар, ноҳақлик жарига қуласалар фарёд чекадилар. Кечаги қувончларини унутиб, «бу дунёда адолат йўқ!» деб нолалар қиладилар. Шундай онда «Биродар, ноҳақлик жари лабида ўзингиз юрдингиз, ўзингиз тойдингиз, ўзингиз қуладингиз. «Тўғри йўлдан юринг», дейилса «менга шуниси маъқул» дедингиз. Ҳадеб жар ёқасида юрадиган кимса ҳар қанча зийрак, ҳар қанча тийрак, чаққон бўлмасин, бир кунмас бир кун барибир қулайди...» деб кўринг-чи?

Зоҳид булар ҳақида кўп фикр юритган. Жиноят қилиб қўйиб, айбини бўйнига олмай «Мен туҳматга қолдим», деб зорланувчиларни кўрганида уларга жар ёқасида юрмоқнинг хавфли эканини тушунтирмоқчи ҳам бўлган. Кейинчалик эса бу ҳаракатидан натижа чиқмаслигини билиб, бас қилган эди.

Баҳорнинг хуш ёқувчи ҳавосидан кўнгли ёришган Зоҳид ҳозир буларни ўйламас, хаёли Ҳамдам Толиповнинг таклифи билан банд эди. Гарчи «қорним тўқ», деб таклифни рад этса-да, маъракани бир тамоша қилгиси келди. «Ҳар ҳолда Асадбек акалик мақомида туриб меҳмонларни кутса керак, — деб ўйлади у. — Асадбек таниган-танимаган, маъракага таклиф этилган-этилмаган неча юз тўқ одам таъзим қилиб келади. Буларнинг орасида қанчаси умрида Маҳмуд Эҳсоновни бир марта ҳам кўрмаган. Лекин ошга келаверади. «Ош егани келдим», демайди, «марҳумнинг ҳурмати», дейди. Аслида шу ошни емаса очдан ўлмайди. Мақсад — ош ейиш эмас, балки Бек акаларига бир кўриниш бериб қўйиш. Гапдан гап чиқса, бу ниятни ҳам тан олмайдилар. «Марҳумнинг ҳурмати» деб тиржайиб тураверадилар. Қизиқ, марҳумнинг ҳурматини ош белгилайдими? Уч юз кило гуруч дамланса — ўликнинг ҳурматига гап йўқ! Юз кило дамланса ҳурмат сал мундайроқ, эллик-ўттизда эса шунга яраша. «Йигирма оши» берилмаса марҳумнинг ҳурмати умуман йўқ бўладими?.. Акам ўлганларида ўн беш кило гуруч дамлаб ош дамлаганидик. Демак, ҳурмат ҳам салкам нол эканда?..»

Бу фикр Зоҳиднинг ўзига малол келиб, пешонасини тириштирди. Юришдан тўхтади.

Эсида бор, акасининг жанозасини ўқишдан олдин имом бир оз маъруза қилиб, «Исломда йигирма, қирқ, йил оши деган гаплар йўқ, бидъатлардан қочингизлар», деб огоҳлантирди. Ҳар нарсага рози бўлаверадиган отаси бу даъватга ҳам кўнди. Аммо тоғаси «Вой почча, гувала кўмганимиз йўқ-ку, чоғингиз келмаса мен берай ошни», деб ғашга теккач, маҳалла билан маслаҳатлашиб, ўн беш кило ош дамлатган эди. «Сабзи тўғраш» деган маросимга келган имомни кўриб Зоҳид «Ўша куни шунчаки бир гапириб қўйган экан-да», деб ўйлади. Аммо имом узатилган чойни олмагач, гапига диққат билан қулоқ тутган эди. «Биродар, имомнинг гапини олмас экансиз, нима қилардингиз жаноза ўқитиб?»

Бу гапни эшитиб отасининг ранги оқариб кетган, Зоҳиднинг баданида ҳам ғалати титроқ уйғонган эди.

«Биз билиб айтамиз, билмасак, салла-чопонни сизга ўхшаган «доно»ларга топшириб, елкага кетмонимизни ташлаб жўнаворамиз. Берадурган ошингизнинг мар-ҳумга нафи борми? Нафи бўлса майли, ўн беш эмас, юз эллик кило гуруч дамланг. «Эҳсон қилиш керак», деб ўргатишган-да, сизга? Эҳсон, биродар, ночорларга қилинади. Тўқ одамларга эмас. Агар эртага ночор, чопони йиртиқ одам келса, унга «тўхта, аввал бу тўқлар тўйиб олишсин», дейсиз. Ё демайсизми? Ночорга ёки гадога сарқитни берасиз. Шуми, сизнинг эҳсонингиз?»

Ўшанда имом шу гаплар билан кифояланиб, чиқиб кетган эди. Оз гапирса ҳам юракни тилиб, туз сепиб қўйгандай бўлганди. Кўп оғир гапларни ичига ютувчи отаси бу маломатни ҳазм қила олмай, чуқур «уф» торт-гандан кейин хўрсиниб: «Бунинг гапига кирсам бир бало, кирмасам яна бир бало» деб қўйганди.

Акасининг ўша маъракасида Зоҳидга жуда қаттиқ таъсир қилган яна бир воқеа юз берганди. Зоҳид у дамда ўлим ларзасидан қутилмаган, бутун борлиғию руҳи карахт ҳолатида эди. Имомнинг айтган гапларини, маърака қилиш шартми ё лозим эмасми деган муаммони ҳазм қилмай туриб, эрталаб...

Маърака ошига келаётганлар орасида қотилларнинг оталари, акаларини кўриб аввал ҳайратдан донг қотди. Сўнг дод деб юборай деди. Дадасига қараган эди, у «жим бўл, ўзингни бос», деган маънода лабини қимтиб қўйди. «Бу қанақаси ўзи, уялмай-нетмай ош егани келишяптими? Томоқларидан овқат қандай ўтади?» деган ўйда уларнинг изидан ҳовлига кириб ош ошашларини кўрмоқчи бўлган эди. Ўшанда отасининг таъқиб этувчи нигоҳига бўйсунмай ичкарига кирганида уларнинг номигагина нон тишлаб, ошдан бир чўқимгина еганларини кўрган бўларди. Ана ўшанда уларга нақадар оғир эканини тушунарди. Уларнинг не ҳижолатлар билан бу хонадонга яқинлашганлари Зоҳидга номаълум эди. Яхшики, Зоҳиднинг отаси вазмин табиатли одам. Агар ўзини тутолмай «Сенларнинг ўғилларинг менинг ўғлимни ўлдирди», деб лаънатлай бошлаганида, унга Зоҳид қўшилганида нима қила олишарди, бошларини ҳам қилиб изларига қайтишдан ўзга чора топа олармидилар? «Мингдан минг розимиз, ана ўғилларимизни ўз қўлингиз билан ўлдиринг, хун олинг, хумордан чиқинг», деганларида ҳам маломатдан қутула олмас эдилар-ку?

Ўша манзара кўзи олдига келгач, Зоҳид Ҳамдамга қўшилиб эрталаб бериладиган ошга боришни истаб қолди. Чувриндининг фожиаси сабабини аниқ билмаса ҳам, «қасддан ўлдирилган», деган тахминда юрган Зоҳиднинг назарида наҳорги ошга қотил ҳам келадигандай эди. Ҳа, буюртмачи эмас, айнан қотилнинг ўзи! Балки... акси бўлар, қотил эмас, буюртмачилар савлат тўкиб келишар? Тумонат одамлар орасида уларни ажратиб олиш мумкинмикин?

Миркаримовнинг «йигирма оши» ҳам шундай бўлгандир? Бировларнинг қўлларидан ажал топган бошқаларнинг ҳам, энди ўлим топадиганларнинг ҳам маърака ошлари айнан шундай бўлар?.. Қотиллар қонга беланган панжалари билан ош ошаб, сўнг ошпазга тасаннолар айтиб, тишларини кавлаб, кекириб чиқишар?...

Дунёнинг мана шу муаммоларини ечишга Зоҳиднинг ақли қосирлик қиларди.

2

Остонада кутиб олган хотини «Қаерларда юрибсиз, устозингиз икки соатдан бери кутиб ўтирибдилар», деди. Бу гапни эшитган Зоҳид маёр Солиевни кўз олдига келтириб «Касалхонадан чиқибдиларми?» деб ўйлади. Ўрта хонага ўтиб диванда ўтирган Ҳабиб Сатторовни кўрди-ю, аввал бир оз ажабланди: кўпдан бери кўришмаган устозининг ташрифини у сира кутмаган эди. Ҳабиб Сатторов унинг таажжубини сезиб, кулимсиради-да:
— Тескари замон ҳозир, азизим, кичикларни зиёрат қилиш катталарга лозим қолган, — деб кўришди.

Зоҳид айбдор эканини тан олиб, «ишлар кўп» деган маънодаги узрини айтмоқчи эди, Ҳабиб Сатторов гапиртирмади:
— Тушунаман, сендан гина қилмайман. Ўғри-муттаҳамлар кўпайиб бораверса сен билан учрашиш тобора қийинлашаверади. Қара-я, бу ерда ҳам математик ечим бор.

Зоҳид устозининг рўпарасига ўтиргач, хотини чойни янгилаб келди-да «кутавериб ланж бўлиб кетган паловни» олиб киришга рухсат сўради.

Ош чиндан ҳам ланж бўлгани сабабли кўп ейилмади.
— Ишдан бўшаганимни биласан, — деди Ҳабиб Сатторов қошиқни четга суриб.
— Масковга кетиб қолдингизмикин, девдим, — Зоҳид шундай деб ўрнидан турди-да, лаганни олиб, остонада пайдо бўлган хотинига узатди. Ҳабиб Сатторов хотиннинг «вой, емабсизлара, домла», деган лутфига эътибор бермай:
— Шунақа фикр ҳам туғилган эди. Кейин бу калладаги формулаларини нари сурдим-да, одамга ўхшаб ўйладим, — деди, сўнг кулимсираб давом этди: — Ҳа, олимлик либосидан чиқиб, беш дақиқа росмана одамга айландиму ўйладим. Кимга ўхшаб ўйладим, биласанми? Укамга ўхшаб фикр юритдим. Раҳматли мени кўп танқид қиларди. «Ҳаёт фақат илмдан, формулалардан иборат эмас», деди. Шунақа дерди-ю, лекин жиннихонада ётганида ўзи ҳаёт формуласини кашф қилибди. Сенга айтганмидим?
— Ҳақиқат нолга тенгми?
— Қойилман, эсингда экан. Лекин бу аксиома эмас, бу... шунчаки унинг тахмини. Мен бадбин одамнинг тахмини деганман. Менинг институтдан ҳайдалишим ҳақиқат нолга тенглигининг исботи эмас. Ҳатто укамнинг ўлими ҳам формуласининг тўғрилигини англамайди. Булар — кичик шахсий фожиалар саналади. Ҳақиқат эса олий тушунча.
— Атом зарраларининг бирлашиши-чи?
— Сен бунақа чуқурлашма. Сен менинг аразлаб Москвага кетиб қолишимга ишонгансан, яна бошқа одамлар ҳам ишонишган. Лекин мен ўйладим: «Сен кимсан?» деб ўзимга ўзим савол бердим. «Сени ким ўқитиб, одам қилди? Ким қорнингни тўйғазди? Далада заҳарли тупроқ ялаб меҳнат қилаётган деҳқоннинг ҳисобидан ўқиб, шу даражага етдинг. Нега энди тўплаган билимингни ўша деҳқоннинг фарзандига эмас, Москвадаги ёки Лондондаги бир таъвияга беришинг керак?» дедим. Ҳа, гапларимдан газетанинг ҳиди келяптими? Йўқ, сен бунақа ажабланма. Мен ростдан ҳам шундай ўйладим. Ўйладим-да, рўпарамга бир масала қўйиб, уни ечдим. Бунинг учун энг аввал ўзим ўқиган мактабга бордим. Математика, физика муаллимлари шу даражада қолоқки, йиғлаб юборай дедим, ишон. Мен ўқиган даврдаги савия қандай бўлса, ўзгаришсиз турибди. Ҳатто, назаримда савия нолга қараб оғгандай туюлди. Қара, яна замонга нисбатан тескари пропортсионаллик. Фан ривожи қай даражадаю, мактабдаги савия қандай тубанликда. Болалар Бернуллини ёки Эйнштейнни билмаса чидаш мумкиндир. Лекин Хоразмийни билмайди, Фарғонийнинг номини умуман эшитишмаган. Мактабда ўқиётганимда мен ҳам шундай эдим. Болаларим ҳам шундай бўлса, набираларим ҳам шу тубанликда қолаверса, Лондонга бориб маъруза ўқиганимдан нима фойда? Яна қанча авлод чала илмга қаноат қилади? Хуллас, шу тариқа мен масаланинг энг тўғри ечимини топдим. Қандай, деб сўрамайсанми? Менинг дарсларимда саволга тутишни яхши кўрардинг-ку?
— Савол бераман, аввал масаланинг моҳиятини тушуниб олай.
— Моҳиятни тушуниш қийин эмас. Озгина туйғу бўлса кифоя экан. Билмадим, бу туйғу менда қайдан пайдо бўлдийкин? Ё укам ўлиб, туйғуси менга мерос сифатида кўчдимикин? Руҳшуносларда шунақа тахминлар ҳам бормикин, билмайсанми?
— Шунга яқин гапни эшитувдим. Қайси бир дин ақидасига кўра одам ўлса руҳи ҳайвонларга кўчаркан.
— Э, йўқ, бу гапинг ўтмайди. Укамнинг руҳи ҳайвонларга кўчадиган руҳлардан эмас. Ҳар ҳолда ўзимга ҳам ғалати туюлган туйғу билан масалани ечдим: ҳозир мактабда ўқитувчи бўлиб ишлаяпман. Бир-икки оғайниларим мени ҳатто телбага чиқаришди. Нима, фан доктори, профессор мактабда ишлаши учун жинни бўлиши керакми? Болалар менга «устоз» деб мурожаат қилишади. Институтдаги «Ҳабиб Сатторович» билан «устоз» деган сўз орасида фарқ борми? Биринчисида самимият йўқ, а? Ширин тил билан айтилса ҳам, бу ширинликнинг ортида баъзан заҳар туради. Иккинчиси жуда-жуда самимий, беғубор. Бу ширин тилнинг ортида заҳар йўқ, мунофиқлик йўқ. Биласанми, мен ҳозир қандай аҳволдаман? Балчиқдан чиқиб, ювиниб, тоза ҳаво олаётган одамга ўхшайман. Ҳатто ота уйимга кўчиб келдим. Мендаги ўзгаришдан онам ҳам ҳайронлар. Фақат... мактабда ишлаётганимни у кишига айтмаганмиз. Айтсам... — Ҳабиб Сатторович айёрона жилмайди, — балоларга қоламан. Мана, мендаги ўзгаришларнинг натижаси ўлароқ, сени йўқлаб келдим. Эътибор қилган бўлсанг, шошилмаяпман. Менинг ўрнимга сен безовтасан. «Домла чиндан айнибди, гапини тугата қолса-ю, кетса, мен чала ишларимни битириб олсам», деб ўтирибсан. Эътироз билдирма, бу — аксиома! Мен ўзгаришимни сенга кўз-кўз қилгани келмадим. Ишингга тааллуқли бир фикр бор. Энди эсим жойидалигида шуни айтай.
— Сизда яна битта ўзгариш сездим, айтайми? — деб сўради Зоҳид, муғомбирлик билан кулимсираб.
— Албатта, — деди Ҳабиб Сатторов.
— Кинояга уста бўлибсиз. Аввал унақа эмасдингиз. Масалани қисқа ва аниқ равишда айтардингиз.
— Худди роботга ўхшаб, а? Укам шунақа деб тан-қид қиларди. Демак, айниганим рост.
— Ҳа, рост, лекин яхши томонга.
— Илтифотинг учун раҳмат, азизим, энди эшит: сен математика илмидан юз ўгириб, ҳуқуқ илмини танладинг. Иккаласи бутунлай бошқа-бошқа оламми?
—Шунақа.
— Шунақа эмас, азизим. Шунақага ўхшайди. Пирамида қоидаси эсингдадир? — Ҳабиб Сатторов саволига жавоб кутмай, ён чўнтагидан гугурт чиқарди-да, тўртта чўпни олиб, учтасининг қалпоқчали бошларини бирлаштирди. Сўнг тўртинчи чўпни ўт олдириб қалпоқчаларга тутди. «Пов» этиб ёниши ҳамоноқ пуфлаб ўчиргач, қалпоқчалар куйиб, бир-бирларига ёпишди-да, пирамида шакли ҳосил бўлди. Шундан кейин Ҳабиб Сатторов гапини давом эттирди: — Бу мен учун пирамида. Сен учун-чи?

Зоҳид устозининг мақсадини англамай елка қисди:
— Мен учун ҳам пирамида-да.
— Йўқ, бу сенинг бошингни қотираётган жиноятга оид иш. Демак, бу ҳолда сен нима қиласан? Сен аввал битта чўпни турткилаб кўрасан. Кейин бошқасини. Лекин пирамидани йиқолмайсан. Чунки пирамиданинг кучи мана бу уч қисмда. Сен аввал мана бу бирлаштириб турган бошни айиришинг керак. Шунда пирамида ўз-ўзидан қулайди. — Ҳабиб Сатторов шундай деб бирлашиб турган бошчаларга аста чертган эди, чўплар сочилиб кетди. — Хўш, нима дейсан?
— Умуман... тўғри.
— Унда бу ғояни сен шакллантир. Тузукроқ фикр уйғонса, хабар берарсан, ақллашармиз. Бўпти, мен кетдим. — У шундай деб ўрнидан турди-ю, стол бурчагидаги икки дафтар ёдига тушиб, қайтиб ўтирди. Дафтарларни қўлга олди-да, варақлаб кўриб, Зоҳидга узатди: — Бу Анвар укамнинг хотира дафтари экан. Ғалати нарсаларни ёзган. Истасанг ўқиб кўр, деб олиб келдим. Умуман... унинг ўлимини сизлар нима дейсизлар, «бахт-сиз тасодифми?» Лекин... у жинни эмасди. Кимдир уни мажбур қилди... Сизлар руҳан мажбур қилган одамни «қотил» демайсизлар, а?
— Ариза берсангиз, текширилади.
— Йўқ, ариза бермайман. Чунки аризанинг оқибати укам ўйлаб топган формуланинг ечимидай бўлади.

Ҳабиб Сатторов мулозиматни ёқтирмагани учун Зоҳид «чой-пой ичиб ўтирайлик», деб манзират қилмади.

Устозни катта кўчага қадар кузатиб чиққан Зоҳид қайтар маҳалида унинг пирамида хусусидаги гапларини бир-бир эслади. «Ғояда жон бор, — деб ўйлади у,— умуман жиноят оламини пирамида десак тўғрироқ бўлади. Биз унинг бир улушини чўкич билан уриб емирмоқни ихтиёр қилган нодонга ўхшаймиз. Пирамиданинг учи — Асадбекми? Унга менинг кучим етармиди? Гугурт чўпларини чертиб ташлаш осон...»

Зоҳид уйга кирганда хотини дастурхон йиғиштираётган эди.
— Ўртоғингиз Алиқул ака келдилар, — деди у эрини кўриб.
— Нима дейди?
— Сизда ишлари бор экан. Эрталаб келаман, девдилар, уйда бўлмасалар керак, моштабибни олиб қишлоққа бормоқчи эдилар, дедим. Тўғри айтибманми, борасизми?
— Боришим керак.
— Машиналарида олиб бориб келарканлар.

Бу гапни эшитиб Зоҳид ғашланди. Эридаги ўзгаришни сезган хотини:
— Ҳа, гапимнинг нимаси ёқмади тағин? — деб сўради.
— Мен сенга машина гаплашиб қўй, девдимми?
— Мен сўрабманми, ўзлари айтдилар. Ўртоғингиз-ку, хизмат қилсалар ёмонми?
— Йўқ, жуда яхши, ҳатто зўр! — деди Зоҳид аччиқланиб, — шу хизмати эвазига сен унинг укасини қамоқдан чиқариб берасан.
— Вой савил, ҳали дарди бормиди?..
— Сенга минг марта айтаман: менинг қачон, қаерга боришим ҳақида бировга ҳисоб берма. Эртага ишга бораманми ё қишлоққами, бировнинг билиши шартми? «Эринг қаёққа боради, аниғини айт», деб сени биров зўрладими? «Билмайман» деб қўя қолмайсан-ми?
— Хўп, бўпти, тавба қилдим, — хотин шундай деб дастурхонни йиғиштиргач, зарда билан ошхонага чиқиб кетди.

Кўнгли ғашланган Зоҳид эса деразани қия очиб, кўча томонга тикилди, нечундир бу кеч кўча чироқлари ёнмабди.

Зоҳид ётоқхонага кирган эди, ўғли кўзларини чирт юмиб олиб, ўзини ухлагандай қилиб кўрсатди. Ўғлининг одатига у баъзан ҳайрон қолади: меҳмон келса, бошқа болалар каби дастурхон атрофида айланмайди. Онаси каровотига ётқизиб қўйса, уйқуси келмаса-да, қаршилик билдирмайди. Бу ҳолат баъзан бир, баъзан икки соат ҳам давом этиши мумкин. Бунақа пайтда Зоҳид ўғлига ачиниб, меҳмон кетгач, кеч кириб қолган бўлса-да, ўғлини кўчага олиб чиқарди. Бугун ҳам «бир айлантириб келай» деб ўйлади-ю, кўча чироқлари ёқилмагани сабабли фикридан қайтиб каравотга энгашди-да, ўғлининг юзидан ўпди. Ўғли бундан роҳатланиб, кўзини чирт юмганича қиқирлаб кулди. Кейин отасининг бўйнидан қучоқлаб олди. «Боқчага бордингми, нима единг, нималар ўйнадинг?» каби саволларга бийрон жавоб бергач, бола отасидан эртак айтиб беришни сўради. Зоҳид биронта ҳам эртак билмасди. Ўғли ҳам сўраганида битта эртак китоб топиб ўқиб қўяман, дерди-ю, кўчага чиққач, унутарди. Ҳозирги талабдан сўнг ҳам шундай аҳд дилига тугилиб, боласига «ҳозир ойинг кириб айтиб беради», деб осон қутулди. Бола онасидан ҳам эртак эшитолмаслигини билса-да, бу ваъдага ишонди.

Ошхонадаги ишларини саранжомлаган хотини киргач, меҳмонхонага чиқди-да, устози ташлаб кетган дафтарлардан бирини қўлга олди. Аввалига дафтарни ҳафсаласизлик билан варақлаб, айрим сатрларни «чўқилаб-чўқилаб» ўқиди. Сўнг ундаги маънолар диққатини тортиб, диванга жойлашиб ўтириб олди-да, бир бошдан ўқишга тутунди. «Хотира дафтари» деб аталмиш ёзувларнинг бошланиши унга қизиқ эртак каби туюлди:

«Бир мамлакатнинг одил ва доно подшоси қарилик ёшига етгач, тахтни ўғлига топшириб дебдики:
— Эй кўзимнинг нури, умидим чечаги, бу обод мамлакатни сенга топширяпман, ақл билан иш юритгин ва унинг хорланишига йўл қўйма. Мен мамлакат бойлигидан ташқари ўзимнинг бойлигимни ҳам сенга топшираман. То жоним бор экан, сен бу хазинанинг бир мисқолига ҳам тегмагин. Оллоҳнинг ҳузурига жўнаганимдан сўнг бу хазинани очасан-да, мискинларга улашиб чиқасан. Токи уларнинг дуоларидан руҳим баҳраманд бўлгай.

Ўғил ҳам ота каби доно экан. Мамлакатни яхши бошқариб, юртни янада обод қилиб раият дуосини олибди. Аммо унинг бир одати бор эканки, на сарой аҳли ва на шаҳар аҳли тушунаркан. Бирон бир кишининг «Эй подшоҳим, бу қилиғингизни тушунмоққа ақлларимиз қосирлик қиляпти, бизга бунинг маъносини англатиб қўйинг», демоққа юраги бетламас экан. Вақтики келиб, кекса подшо собиқ ва содиқ мулозимларини чорлаб, ўғлининг ҳол-аҳволини сўраганида улар юрак ютиб, воқеани баён қилган эканлар. Ўғлининг қилиғидан ҳайратланган подшо дарҳол уни чорлатиб, бу ҳаракатнинг маъносини сўрабди. Ўғил фарзандлик бурчига риоя қилган ҳолда дебдики:
— Отажон, сиз менга хазинангизни вафотингиздан сўнг халққа улашишни васият қилиб эдингиз. Рости мен бу амрни бажармоққа мажбур бўлганим туфайли сизга эътироз билдирмоққа журъат этмадим. Аммо ҳар тун шаҳарга чиққанимда фонус-чироқни олдинда эмас, орқа томонда олиб юрмоқни амр этдим. Сабабки, вафотидан сўнг эҳсон улашмоқ қора тунда чироқни орқа томонда ёритиб бормоқ каби эмасми? Орқа томондаги фонус ёруғидан йўловчига на фойда, олдинда ёқиб бормоқ афзал эмасмикин?

Ота ўғлининг бу тадбиридан қувониб, хазинани ўзи улашган экан.

Қиссадан ҳисса: бизнинг тарих қатларида яшириниб ётган қанча бойликларимиз бор? Уларни халққа қачон улашамиз? Фонусни олд томонда ёқиб, ёруғ йўл кўрсатиш кунига қачон етамиз? Холидийлар чироқни олдинга олишга йўл қўйишармикин?»

«Бир кар одамнинг ҳўкизи йўқолиб қолибди. Кўчада қидириб юриб яна ҳам карроқ одамга дуч келибди. Иттифоқо бу одам эрталаб эшак топиб олган экан. Кар одам ҳўкизи йўқолганини айтиб, унинг шохлари-ю, думларининг таърифини келтирибди. Карроқ одам унга жавобан:
— Ҳа, тўғри, мен эшагингни топиб қўйганман, суюнчини бергину олиб кетавер, — дебди.

Кар одам эса яна ҳўкизининг таърифини қилаверибди. Шу ҳолда гап талашиб туришганда эшагига бир жувонни мингаштириб олган оқсоқол кўринибди. Қарангки, оқсоқол улардан-да карроқ экан. Йўлни тўсиб, бири ҳўкиз, бири эшак ҳақида тинмай гапираётган одамларга қараб «Хотинни олиб қўйишмоқчи шекилли», деб ўйлаб:
— Яқинда хотиним ўлди. Бу жувон бегона эмас, хотинимнинг чўриси эди, — дебди.

Хуллас, учови уч хил гапириб, баҳслашиб, ҳақиқат истаб қозига келибдилар. Худонинг қудратини қарангки, қози улардан баттар кар экан. Рамазон ойи яқинлашиб қолган, агар янги ой кўринса ноғоралар чалиниб, элга маълум қилиниши керак эди. Қози уларнинг тинмай, бир-бирларига гап бермаётганларидан «Ҳа, улар янги ой чиққанини кўришибди-да», деган қарорга келиб, хизматкорларига буюрибди:
—Ҳой, ноғораларни чалинглар, эртага саҳардан рўза!

Қиссадан ҳисса: Бизнинг барчамиз кар бўлиб қолганмиз. Биримизнинг гапимизни иккинчимиз англамаймиз. Ўзимизнинг карлигимиз камлик қилгандай тарихимизни ҳам соқов қилиб қўйганмиз. Биз тарихнинг тилига кишан урганмиз. Ўзимизга керак пайтида кишанни ечиб, гапиртирамиз, кейин эса яна маҳкамлаймиз. Шунақа пайтда карлигимизни ҳам унутамиз. «Энг кичкина илмий ходим» менинг бу фикримни қўлламади. «Тоғда бир кекса чинор кўрувдим, — дейди у. — Одамлар гулхан ёқавериб дарахтнинг баданини ўйиб юборишибди. Узоқдан қарасангиз дарахт тили суғуриб олинган одамга ўхшайди. Бизнинг тарихимиз ҳам шунақа.»

Собиржоннинг таърифида жон бор. Аммо... тил ўсиб чиқармикин?..»

«Қайта қуриб ётибмиз... Нимани? Буни ҳеч ким билмайди. Халқ ашула ҳам тўқиб қўйибди: «Мамлакат бўйлаб қилар юриш — Миша, Рая ва қайта қуриш...» Қайта қуришдан фақат шу ашула қолса керак.

Кунларнинг бирида хўроз билан ит дўстлашиб, ўзлари учун қишлоқ қурмоқчи бўлибдилар-да, ўрмонга бориб, жой танлабдилар.
— Мен қуришни билмайман, сен-чи? — деб сўрабди ит.
— Мен ҳам билмайман, — дебди хўроз.
— Унда қишлоқни қандай қурамиз? — деб ажабланибди ит.
— Жуда осон: сен вовуллайверасан, мен тупроқ титиб қичқиравераман. У ёғи яна бир гап бўлар, — дебди хўроз.

Бу таклиф итга маъқул келиб «иш» бошлашибди. Бир оздан сўнг чарчашгач, ит дам олиб, хўроз пойлоқчилик қилибди. Шу онда тулки хўрозни кўриб қолиб, унга яқинлашибди-да, «нима қиляпсан?» деб сўрабди.
— Биз бу ерда қишлоқ қуряпмиз, — дебди хўроз.
— Мениям ишга олгин, мен жудаям зўр қурувчиман, — деб ялинибди тулки.
— Яхши, — дебди хўроз. — Ҳов анави бутанинг орқасида ишбоши дам оляпти. Бориб учраш, «хўроз айтди», десанг ишга олади.

«Айёр» деб ном олган тулки шу онда нодонлик қилиб итга ташланиб, думдан айрилиб қочибди. Бир баландликка чиқиб олгач, «қурувчилар»га дебди:
— Мен-ку, лақмалигим туфайли думдан айрилдим, энди иснодга қоламан. Сизларнинг нодонлигингиз оқибатидаги шармандалик бундан кам бўлмасов...

Қиссадан ҳисса: Тулки бир аҳмоқ ҳайвон, гапираверади. Биз ҳам хўроз эмасмиз. Қайта қурамиз, дедикми, қурамиз. Аммо нимани? Қайта қуришга овора бўлгандан кўра бузиб ташлай қолингани афзал эмасмикин?

«Бир подшо» ҳаётни ўрганиб кел», деб ўғлини дунё сафарига юборибди. Орадан ойлар ўтиб, шаҳзода саройга кириб келиб, бир кафтида тупроқ, яна бирида тош билан отасига рўпара бўлибди.
— Дунё кезиб топганинг шу бўлдими? — деб ранжибди подшо. — Хўш, булардан қандай маъно уқмоғим керак?
— Подшо қанчалар улуғ, қанчалар қудратли бўлмасин, у тупроқдан яралган ва оқибат яна тупроққа айлангуси. Шундай экан, то аслига қайтгунига қадар Оллоҳга мақбул ишларни қилиши, яъни раъиятга меҳр-муҳаббатда бўлмоғи шарт экан. Тошнинг маъноси эса: хазинадан яхшилик йўлида фойдаланилмас экан, ундаги олтину жавҳарларнинг қадри билан бу тош-нинг қиймати бир хилдир, — деб шаҳзода ривоят айтибди:
— Бир одам далага чиқиб хуржун тўла олтинни кўмиб қўйибди-да, хазина кўмилган ерни ҳар куни зиёрат қилаверибди. Қўшниси унинг бу қилиғидан ажабланиб, у ҳавас билан тикилиб турадиган жойни кавлаб олтинларни олибди-ю, ўрнини тош билан тўлдирибди. Бойлик эгаси кунларнинг бирида олтинларини силаб, роҳатланиш мақсадида ерни кавласаки, олтин йўқ! Аламдан дод солиб турганида қўшниси яқинлашиб не ҳол юз берганини сўрабди.
— Олтинларимни сарф қилмай кўмиб қўйган эдим, ўғирлаб, ўрнига тош қўйиб кетишибди, — деб жавоб берибди бойлик эгаси.
— Бекорга йиғлаяпсан, — дебди қўшниси. — Сен куйинмагин-да тошни жойига кўмиб қўявер. Сарф қилмаганингдан кейин бу чуқурчага олтин кўмилганми ё тошми, сенга нима фарқи бор?»

Ўғлидан бу ривоятни эшитган подшо аччиқланибди-да:
— Демак, сенингча бойлик тўплаб, сақлаш шарт эмас экан-да? — дебди.
— Бойликка эга бўлмаслик ёмон, бойликка эга бўла туриб ундан оқиллик билан фойдалана олмаслик ундан-да ёмонроқ,— деб жавоб қилган экан доно шаҳзода.

Қиссадан ҳисса: Тарих олтиндан қиммат бойликдир. Биз ўз олтинларимизни кўмиб қўйганмиз. Овруполик олимлар эса уни олиб истаганларича истифода этяптилар. Олтинларимиздан фойдаланиш ўзимизга ҳам насиб этармикин?..»

Зоҳид бу ёзувларни ўқиб, ўйланиб қолди. Кўз олдига Анвар келди. Охирги учрашувларида Анвар «Жамшиднинг ўлими билан шуғулланадиган одамга тайинлаб қўйинг: Элчиндан гумон қилиб юрмасин, иғволарга учмасин, Асадбекдан ҳар балони кутиш мумкинда. Кўр ҳассасини бир марта йўқотар экан, кўзи очиқлар икки марта йўқотмасин тағин...» деган эди. Элчин отилди, Жамшид эса тирик, Анвар ўзини осди... «Асадбекдан ҳар балони кутиш мумкин...» Зоҳидга бу уч тақдир ипларида бир боғлиқлик бордай туюлди. Лекин қанча ўйламасин, фикрларини жамлай олмади.

«Икки марта жиннихонага тушган. Иккинчисида ўзини осган... — деб ўйлади у. — Шундай ақлга эга одам жиннихонада ўзини осса, нима бу, ақллилик балосими?..»

Зоҳид бу саволга жавоб топа олмади.

XIII боб

1

Жалил «Шорасул ака икковимизни ўз ўғлидай кўрар эди, бел боғламасак ҳам бориб турайлик», деди. Асадбек ўртоғининг донолигидан ғаши келиб «Эҳтиёт бўл, ақлинг ошиб-тошиб кетмасин», демоқчи бўлди-ю, «Гап талашиш фурсати эмас», деган фикрда тилини тия қолди.
— Бир нарсага эътибор бермаган эканман, бугун ақлимга келиб қолди, — деди Жалил машинага ўтиргач. Асадбек «Яна нимага эътибор бермабсан?» деган маънода унга қараб қўйди.
— Шорасул ака ота улфатдан охиргилари эканлар. Адаларимизнинг ошналари тамоман ўлиб битди. Энг кўп яшаган шу Шорасул ака эканлар. Энг узоқ умр ҳам, энг оғир ҳаёт ҳам шу Шорасул акага аталган экан.
— Бунақа узоқ умр бергандан кўра Худо иккита ўғил бера қолса яхши эди.
— Сен унақа дема, Худонинг ишларига аралашма, тавба қил, — деди Жалил.
— Худонинг ишларига аралашаётганим йўқ. Шу одамнинг иккита ўғли яшаб қолса, яхши бўларди, деяпман. Сенга ўхшаган киндигини ўзи кесадиганлардан бўлса ҳам майлийди.

Бу гапни эшитиб Ҳалимжон кўзгу орқали орқага қараган эди, балога қолди. Жалил:
— Сен бола менга эмас, йўлга қара, — деб жеркиб берди.

Шорасул аканикига боришгач, Жалил келди-кетди билан овора бўлди. Асадбек кўрпача тўшалган ўриндиқдан жой олди. Шорасул акани кўмиб келганлар узоқ ўтирмай, тарқалишди. Фотиҳачилар ҳам кам келди. Асадбек сиқилиб, бир соатга аранг чидади. Ўрнидан туриб, «кетяпман» деган маънода Жалилга имлаб қўйди. Уч-тўрт қадам қўймай Тўхтахоннинг эри чақирди. Асадбек жанозада пайдо бўлганидан бери куёв у билан гаплашишга фурсат изларди. Асадбек унинг бесаранжом кўзларидан мақсадини англаган эди. У чақириққа биноан тўхтаб, ғашланган ҳолда ўгирилди.
— Бек ака, кечирасиз, сиздан бир нарса сўрамоқчийдим. — Куёв Асадбекдан «Нима гапингиз бор, айтаверинг», деган садо кутди. Асадбекнинг норози қиёфасидан бундай лутф қилинмаслигини англаб, мақсадини айтишга шошилди: — Бек ака, уч кундан кейин уйни бўшатишсин дебсиз?
— Уйнинг хўжайини мен эмасман. Қайнотангнинг ҳоҳиши шунақа бўлган. Уч кунни мен қўшиб бердим.
— Бек ака, биз қаёққа борамиз, бола-чақа билан кимникига сиғамиз?

Зорланиш билан айтилган бу гапдан Асадбекнинг ғаши келди. «Сенам эркакмисан!» деб тупурмоқчи бўлди. Дарвоза оғзида турган Тўхтахон билан Жалилга кўзи тушиб, ўзини босди-да:
— Қаердан келган бўлсанг, ўша ёққа борасан, — деб орқасига ўгирилди. Асадбекнинг одатини билмаган куёв нодонлик қилиб яна гапирди:
— Бу уйда Тўхтахоннинг ҳам ҳаққи бор.

Бир қадам қўйган Асадбек бу гапни эшитиб тўхтади-ю, аммо унинг башарасига қарашни, бир нима де-йишни истамади. Йўлида давом этиб, яна уч қадам қўйгач, орқадан Тўхтахоннинг овозини эшитди:
— Асад ака, тўхтанг, орани очиқ қилиб кетинг.

Асадбек тўхтаб, ярим ўгирилди-да, жувоннинг ёнида турган Жалилга қараб:
— Буларга тушунтириб қўй: тўрт томонлари қиб-ла, — деди.
— Юринглар, буни кейинроқ гаплашамиз, ҳозир мавриди эмас, — деди Жалил, зиддиятни юмшатиш мақсадида.
— Йўқ, — деди Тўхтахон бўш келмай, — отамнинг уйига бу одам нега хўжайинлик қилади? Садир сариққа раҳмлари келса, ана ўзларининг уйлари бўм-бўш, хангиллаб ётибди, берсинлар.

Асадбек унга ғазаб билан тикилди-ю, бир ютиниб қўйиб, тескари қаради.
— Тўхта бўлди, юр, бу ишга Асад акангнинг даҳли йўқ, у сира аралашмаган, бу адангнинг васиятлари.
— Васият бўлса қоғоз кўрсатсинлар.
— Бўлди қил-э, бунча шанғиллайсан! — Жалил жеркиб, жувоннинг енгидан силтаб тортди: — Бор, уйга кир.

Тўхтахон Жалилнинг амрига бўйсиниб орқасига ўгирилишга ўгирилди-ю, аммо тилини тиймади:
— Қоринлари тўйиб қолган буларнинг. Адамнинг нонлари бўлмаганида қирилиб кетишарди...

Минғирлаб айтилган бу сўз ўқларининг барчаси Асадбекнинг юрагига санчилиб, қалқитиб юборди. Жалил эпчиллик қилиб ўртага тушмаганида Тўхтахон шарт ўгирилган Асадбекнинг тепкисини еб қолиши тайин эди.
— Паст кетма! Булар пасткаш, сен уларга тенг келма! — деб бақирди Жалил.

Асадбек ғазабини ютиб, ўгирилди-да, бу сафар тез-тез юриб кетди. Машинага ўтиргач, Ҳалимжонга:
— Акангни чақир, — деб буюрди. Жалил келгач: — Уч кундан кейин буларни шаҳарда кўрмай, кўрсам, уволи сенинг бўйнингга, — деди. Кейин Жалилга бир сўз айтишга ҳам фурсат бермай Ҳалимжонга «Ҳайда!» деб буюрди.

Ҳар нечук Тўхтахон билан куёв боланинг тахти бўлмаса-да, бахти бор экан. Чол бундан икки-уч ой аввалроқ қайтиш қилиб, бу можаро ўшанда юз берганида икковининг шўри ёмон қурирди. Ҳозир Жалилнинг зиммасига юкланган вазифа Кесакполвонга ёки Чувриндига айтиларди. Шунда ижро ҳам бошқачароқ бўларди. Асадбек ғазабланган кезлари Кесакполвонга қай тарзда, қай оҳангда амрлар қилган бўлса, ҳозир ўзи билмагани ҳолда айнан шу оҳангда буюрди. Машина бир оз юриб, ўзи сал ҳовурдан тушгач, «Жалилга бунақа дейишим керакмас эди. Барибир эплолмайди. Лекин гапни кўпайтириб юборади. «Шаҳарга хўжайин бўлсанг ҳам бунақа қилишга ҳаққинг йўқ,» деб бошларимни оғритади ҳали. Буни Жамшидга буюришим керак, ими-жимида тўғирлайди», деб қўйди.

Асадбек ўзича ҳақиқат йўлида бир иш қилиб қайтаётган эди. Илгарилари ҳам бирон бир масала хусусида ҳукм чиқарса, ёинки бирон бир кишининг тақдирини ҳал этса «Иш ҳақиқат йўриғича, виждонан бўлди», деб ҳисобларди. Аммо кўп ҳолларда у янглишарди. Чунки у ҳақиқат деган нарса аслида ҳақиқат эмас, тўғрилик деган нарса тўғрилик ҳам эмасди. У виждон деб ҳисоблайдиган нарса аслида инсоний виждон эмасди. Чунки зулм билан виждон бир танада, бир қалбда яшай олмаслиги ойдай равшан.

Бу сафарги зулмга Асадбекни айбламоқ инсофдан эмасдир. Чунки бу зулмни Тўхтахон билан куёвнинг ўзлари бефаросатсизликлари туфайли сотиб олдилар. Улар ҳақларини талаб қилиб, ноҳақликнинг аччиқ сувини ичиб, қийналишга эришдилар. Агар орадан уч кунни ўтказиб, кейин «Майли, отамнинг васиятларига қарши бормайлик, уйга даъвойимиз йўқ, лекин бола-чақамиз билан кўчада қолмайлик», дейишганида масаланинг бошқача ҳал бўлиши аниқ эди.

Инсонни ҳар балога гирифтор этувчи тил бир оилани бошпанасиз қолдирди.

Асадбек уйига ана шу кўнгилхиралик билан қайтди. Аввал ўғиллари, сўнг келинлари чиқиб салом беришгач, бу ғашлик бир оз кўтарилгандек бўлди. Айниқса келинларнинг ширин талаффузда сўзлашишлари, саломни ҳам дилни эритувчи оҳанг билан беришлари Асадбекнинг қоронғу кўнглини ёритгувчи чироқдек эди. Келинларидан шодланиши баробаринда «шундай ажойиб қизларни узоқ, нотаниш юртга узатган қудаларидан ажабланарди. Зайнабни узатганида неча кун бир нарсасини йўқотган одам каби гарангсиб юрган эди. Зайнаби шундайгина қаноти остида, истаган онида кўриб, соғинч дардига малҳам топиши осон эди. Қудалари қандай чидашаётган экан?

Жанозадан қайтган Асадбек келинларининг саломидан роҳатланди, аммо бу сафар қудаларининг соғинчини ўйламади. Зайнаб касалхонадан қайтгач, Манзура кириб, ёшларнинг шаҳар айланиб келиш учун рухсат сўрашаётганини айтди. Ижозатдан шодланган ёшлар кетишгач, Манзура «овқатни сузаверайми?» деб сўради. Асадбек келган маҳалида худди шу саволга «қорним тўқ» деб жавоб берган эди. Бу сафар Манзуранинг овқатланишни кутаётганини фаҳмлаб, иштаҳаси бўлмаса-да, «ҳозир чиқаман, сузавер», деди.

Хотинининг раъйини қайтармаслик учун қозонкабобдан кичикроқ бир қовурғани олиб эрмак қилди. Манзуранинг иштаҳаси ҳам эриникига боғлиқ эди. Асадбек иштаҳа билан овқатланса, у ҳам кўнгли тусаганича ерди. Бу сафар ҳам одати канда бўлмади, қўлга олинган қовурғанинг ярми ҳам ейилмади. «Сен еявер, қорним тўқ», деган даъватга «Болалар билан едим», деган ёлғон жавоб овқатланиш жараёнига якун ясай қолди.

Асадбек қўлини сочиққа артгач, Манзура чой қу-йиб узатди-да:
— Қамар ака чиқувдилар, — деб «нимага чиққанларини айтаверайми?» дегандай савол назари билан қаради.
— Тинчликми, нимага чиқибди? — деб сўради Асадбек.
— Сизда маслаҳатли ишлари бор экан.
— Сенга айтмадими?
— Бир учини чиқаргандай бўлдилар.
— Қани, сен ҳам ўша учини чиқар-чи?
— Уйни сотишмоқчимишми?
— Нега?
— Учта ўғилни уйли-жойли қилишга қийналишаётганга ўхшашади. Кенжаларини уйлай десалар ортиқча хона йўқ. Ҳукуматнинг уйларидан икки хона-икки хонали қилибми сотиб олишса керак. Самадингиз гаплашаётганди. Қамар ака ҳамма дардларини унга айтгандирлар, хотин кишига айтармидилар.

Асадбек хотинининг гапларини эшитиб «Бугун фақат уй можароси бўладиган кун эканми?» деб қўйди-ю, қўшнининг дардига оид бирон сўз айтмади.

Чой оғзига бемаза туюлиб, пиёлани дастурхон устига асталик билан қўйди. Аввалги даврлари бўлганда «нима бало, хашак солиб дамлаганмисан?» деб тўнғиллар ёки пиёлани дўқ этиб қўяр, ёинки жаҳли чиқиб турган бўлса, чойни сепиб юборарди. Шунда хотин бечора ҳадик билан сапчиб туриб, бошқа чойнакда чой дамлаб келарди. Аммо янги дамланган чойдан ҳам ичилмасди. Чунки аслида чой бемаза эмас, кайфиятнинг мазаси бўлмасди. Асадбек ғазаб отидан тушгани билан кўнгли на овқат, на чой тусарди. Эр-хотин дам-бадам бир-бирларига қараб қўйиб, жимгина ўтиришарди. Асадбек жағи-жағига тегмайдиганларга тоқат қилолмас, хотинининг камгаплигидан мамнун юрарди. Бироқ, ҳозиргидай ҳолларда унинг гапириб ўтиришини истади. «Нимани гапирса ҳам майли, жавраб турса бас», деб хотинига умид билан қаради. Йўқ, Манзура жаврамади. Мўъминалик либосини ечмади. Илгари ҳам, айниқса Зайнабнинг тўйидан сўнг мана шу тарзда икковлон кўп ёлғиз ўтиришарди. Лекни унда Асадбек ёлғизлик тўрида сиқилмасди. Ҳозир сиқилди, ёмон сиқилди.
— Адаси, чойингиз совиди, қайноғидан қуяйми?— Манзура шундай деб пиёлага қўл узатди.

Асадбек «Йўқ, керакмас», деган маънода кафтини пиёла устига қўйди. Кейин маъсума хотинига қаради-да:
— Манзур, ёшлигимизда биз ҳам шаҳар айлангани чиқармидик? — деб сўради.

Кутилмаган бу саволдан Манзура гангиб:
— Вой, шаҳарнинг нимасини айланардик? — де-ди.
— Ҳа энди, мундоғ «айлантириб» дейиладими ё «ўйнатиб» дейиладими, марожний-парожний олиб берганманми? Мана, болаларинг кетишди-ку?
— Буларнинг замони бошқа, бизники бошқа эди, адаси.
— Бўпти, бор, кийиниб чиқ. Биз ҳам янги замонни бир кўрайлик.

Асадбек «Манзур» деб гап бошлаганида у бир ажабланган эди. Чунки эри асосан унга «ҳей» деб мурожаат этар, меҳмон ҳузурида эса «онаси» дер, жуда кам ҳоллардагина эркалагувчи самимий оҳангда «Манзур» деб чақирарди. Дастлабки ажабланиши сўнмай туриб сайрга таклиф этилиши унга ғалати туюлди. Эрига «ҳазиллашаяпсизми, адаси?» деган маънода қараб, балога қолай деди.
— Имилламасанг-чи, тур тезроқ, — деди Асадбек пўписа оҳангида.

Битта машинани Абдусамад, иккинчисини Ҳалимжон ҳайдаб, ёшларни сайрга олиб кетишган эди. Манзура амрга итоат этиб ўрнидан турди-ю, «Машина йўқлигини адаси унутдилармикин», деган хаёлда:
— Машина... — деб гап бошлаган эди, «Ишинг бўлмасин», деган қўпол жавобни эшитди.

Асадбекнинг бу қилиғи Манзурагагина эмас, болохонадаги йигитларга ҳам ғалати туюлди. Улардан бири шошганича пастга тушди, кўчада хотинининг ёнида хотиржам бораётган хожаси изидан бир оз тикилди. Асадбек ҳеч қачон машинасиз кўчага чиқмасди. Бирор ёққа кетаётган бўлса дарвозадан чиқиш олдида уларга нимадир деб қўярди.

Йигит пича тек тургач, содиқ мулозимлик вазифасини бажариб, саккиз-ўн қадамлик масофани сақлаган ҳолда изма-из юра бошлади. Буни сезган Асадбек тўхтаб, орқасига ўгирилди. Йигит ҳам тўхтаган эди, имлаб чақирди-да, у яқинлашгач:
— Изимдан юрма, — деди. — Ҳалим аканг келса, айт, уйига кетаверсин. — Асадбек бир оз ўйланди-да, қўшиб қўйди: — Акаларинг келишганидан кейин сенлар ҳам уй-уйларингга кетаверларинг. Эрталаб Ҳайдар акангга учрашсаларинг, бундан бу ёғига нима иш қилишларингни айтади.

Йигит «хўп» деди-ю, аммо ҳайронлигини яширмай, қараб тураверди.
— Ҳа, гапимга тушунмадингми? — деди Асадбек, қошларини чимириб.
— Тушундим, Бек ака... Ҳовли... ёлғиз қоладими?
— Сен ташвишланма, кетавер, бизни бўри ермиди, акаси.

Йигит изига қайтгач, эр-хотин катта кўчага чиқишди.
— Машина тўхтат, — деди Асадбек, кейин кулимсираб қўшиб қўйди: — хотинларга тўхташи осонроқ.

Машиналарнинг тўхташи осон бўлмаса-да, четроқда турган Асадбек ғашланмади. Кузатиб тураверди. Аксинча Манзура «Ношуд!» деб сўкиб қолмасалар эди, деб ташвишланди.

Ниҳоят, бир машина тўхтагач, Асадбек яқинлашиб, манзилни айтди:
— Анҳор бўйига.
— Қанча берасиз? — деди ҳайдовчи.

Асадбек унга жавоб бермай, Манзура учун орқа эшикни очди-да, ўзи олд ўриндиққа ўтирди.
— Акажон, кира ҳаққини келишмадик-ку? — деди ҳайдовчи.
— Сен аввал олиб бориб қўй, келишаверамиз, — деди Асадбек эшикни ёпиб.
— Ҳисобли дўст айрилмас, деган гаплар бор.
— Менга дўстмисан ҳали, унда текинга олиб бориб қўясан. Мен дўстларимга пул бермайман.
— Энди ака...
— Бўлди, мижғовлик қилма. Пул ишлайдиган одам шунақа имижиқи бўладими, э сўтак! — Асадбек аччиқланиб, чўнтагидан ўн сўмлик чиқарди-да унинг тиззаси устига ташлади. «Сўтак» дейилганига ичи оғриб бир нима демоқчи бўлган ҳайдовчи ўн сўмликни кўриб, тилини тишлай қолди. Ўзича ҳисобни тўғрилаб қўйди, икки сўми кира ҳаққи, саккиз сўми «сўтак» деб ҳақорат қилгани учун жарима...

Анҳор бўйлаб юриш Манзура учунгина эмас, Асадбекнинг ўзига ҳам дастлаб ғалати туюлди. Атрофга қараб енгил тортди: қучоқлашгудай бўлиб бир-бирининг пинжига кириб бораётган ёшлардан ташқари чол-кампирлар ҳам, болаларини ўйнатгани олиб чиққан жувонлар ҳам сайр қилишарди. Бировнинг бошқаси билан иши йўқ... Ҳеч кимнинг, жумладан, Асадбекнинг соядек илашиб юрадиган қўриқчилари ҳам йўқ.

Шундай яшаса ҳам бўлар экан-ку?

Эркин ҳаёт деб шунга айтилмайдими?
— Манзур, бундан бу ёғига болохонада одам ўтирмайди, — деди Асадбек.

Бу янгиликни эшитиб, Манзура беихтиёр «вой» деб юборди.
— Қўрқасанми? — деб сўради Асадбек.
— Йўғ-а, нимадан қўрқаман, — деди Манзура.
— Энди келинлар бор, тепадан кўзларини лўқ қилиб ўтириши менга ёқмаяпти.
— Тўғри қиласиз, адаси, келинларингиз ҳам «бу-лар нима қилиб ўтиришади», деб ҳайрон бўлишувди.
— Шунақами? Сен нима дединг?
— Булар қариндошларимиз, институтга киришга дарс тайёрлаб ўтиришади, дедим.
— Боплабсан-ку, шу пайтда институтга кирадими?
— Нима дейишим керак эди?
— Ҳа, майли, институтга кирмайдиган бўлиб, қайтиб кетишди, деб қўясан энди, — деди Асадбек кулиб.

Шундан сўнг гап халтаси бўшаб қолгандай индамай кетишди. Бундай юриш Асадбекка ёқмай:
— У томонларда ҳаёт қандай экан, айтиб ҳам бермадинг, а? — деди.
— Мавриди бўлмади-ку, — деди Манзура айбли оҳангда.
— Одамларининг муомаласи қанақа экан?
— Тилларига тушунмасам... Лекин қўни-қўшни бир-бирини танимас экан, оқибат ҳам қилмас экан.
— Қўни-қўшниларнинг бир-бирларини танимаганлари ҳам маъқул. Тинч яшашади, ғийбат қилишмайди.
— Вой қўйинг-э, ёмон бўлса ҳам қўшнининг бори яхши.
— Сен ўша томонларда қолиб яшаган бўларми- динг? — деб ўсмоқчилаб сўради Асадбек.
— Ўлсам ҳам яшамасман.
— Келинларинг ўйимизга кетамиз, дейишса, ўғилларинг уларга қўшилиб жўнашса-чи?
— Вой, нафасингизни иссиқ қилинг-а, тавба денг, ўзим юрагим ҳилвиллаб турибди. Бунақа гапларни бошқа гапирманг, — кейинги сўзларни айтаётганида Манзуранинг овози титради. Асадбек уни овутиш мақсадида елкасига қўлини ташлади. Манзура бундан чўчиб, ўзини четга олди:
— Вой, нима қиляпсиз?
— Ҳа, нима қилибман, — деди Асадбек, — ўзимнинг ҳаппаи-ҳалол хотинимсан. Ана, қара, ҳамма шунақа юрибди.
— Қўйинг-э, қариганда...
— Мен ҳали қаримадим. — Асадбек шундай деб хотинини қўлтиқлади. Бу сафар Манзура ўзини олиб қочмади.

Кун бўйи машриқда ивирсиб юрган қўнғир булут парчалари шомга яқин бирлашиб, қуёшни бағрига олди. Шуни кутиб турган изғирин қўзғолиб, баҳорнинг тотли нафасини бўғди. Изғирин анҳор соҳили бўйлаб чўзилган сайргоҳга ҳам ҳукмини ўтказа бошлагач, болаларини ўйнатгани олиб чиққан жувонлар уйларига шошилдилар. Сўнг кексалар кўринмай қолишди. Унда-бунда, дарахт паналарида қоронғу тушишини интиқ кутаётган жуфт-жуфт ёшларгина қолишди.

Эрининг ёнида аста юриб бораётган Манзурага бу сайр хуш ёқаётган бўлса-да, кўнглининг бир чеккасини ғашлик сўнаси кемириб ётарди. У эридаги бу ўзгариш сабабини билишни истарди. «Бир тоғнинг ўз ўрнидан қўзғалиб, бошқа ерга кўчганини эшитсангиз ишонинг-у, бироқ, одамнинг феъл-табиати, қалби ўзгарибди, дейилса инонмангиз», дейилмиш экан. Шунга кўра эридаги бу ўзгаришнинг яхшилик нишонаси эканига Манзурада гумон бор эди.

Хотинлар давра қурувчи зиёфатларда айрим жувонлар «Шундай одамнинг хотини-я! Егани олдинда, емагани ортида, айтгани айтган, дегани деган. Мунчалар бахтли экан-а, бу аёл!» деб ҳавас қилишса, Манзура чиндан ҳам бахт эгаси сингари жилмайиб қўярди. Ҳолбуки, бахтлими ёки бахтсиз эканини ўзи ҳам аниқ билмасди.

Агар аёлнинг устара тиғи устида яшаши бахт де-йилса — Манзура ростдан ҳам бахтли.

Эрининг ҳар бир хатти-ҳаракатини ҳадик билан кузатиш, кечки пайт эри остона ҳатлаб ҳовлига кириб келгунига қадар минг турли ҳавотир тиканлари устида ялангоёқ югурмоқ агар бахт дейилса — Манзурадан ўзга бахтлироқ аёл йўқдир.

Агар эри уйга қайтмаган тунлари бешикни қучоқлаб, тиқ этган товушга ҳадик билан қулоқ тутиш, тонг-ни ўзи бева, боласи етим ҳолида кутиб олмаслиги учун Худога нолалар қилиб чиқмоқлик бахт дейилса — ҳақиқий бахт эгаси айнан Манзурадир.

Агар бахт фақат емоқ, ичмоқ, ўйнамоқ, кулмоқдан иборат бўлса — Манзурага ҳавас қилса ярашади.

Шундай тарози бўлса-ю, унинг бир палласига емоқ, ичмоқ, кийинмоқ саодати, иккинчисига турмуш ташвишлари-ю, ғам кўланкалари қўйилса балки бахт ҳақиқати аён бўлар?

Агар дунё айланиб, Манзуранинг келинлик онлари қайтса-ю, дейилсаким: «Танла, умринг шу эски ҳовлида ўтсинми ёинки янги, данғиллама иморатда, зебу зийнатлар ичида яшашни истайсанми?»

Манзура шубҳасиз, қайнона-қайнотасининг умри ўтган, эрининг киндик қони тўкилган шу эски ҳовлини, бир тишлам нонни беташвиш емоқ бахтини танлаган бўларди. Не ғамки, инсонга, айниқса ўзбек аёлига бундай танлаш ҳуқуқи берилмаган...

Ҳозир ҳам бу кутилмаган сайрга эрининг хоҳиши билан чиқди. Қовушмаган суҳбат билан овуниб бораётган Манзуранинг зимистон кўнгли шомни доғда қолдирган қоронғуликка монанд равишда янада қорароқ чодирга буркалаётган эди. Ўғилларини Москвада қолдириб келганидан бери тутқун қуш сингари потирла-ётган юраги тағин ҳам ёрилиб кетмайди. Худо тағин ҳам сабр беряпти. Бугундан эътиборан ҳовлиларида пойлоқчиларнинг бўлмаслиги ҳам унинг безовта юрагини тимдалайверди. У эрининг гапига ишонгандай кўринса-да, бу ҳаракат замирига кутилмаган шумликлар яширинганини сезиб турарди. Асадбек «Сен ўша томонларда яшаган бўлармидинг?» деб ўсмоқчилаб сўраганида гўё эри «ҳозир уйга бориб нарсаларни йиғиштир, эрта-индин ўша ёққа кўчамиз», деб буюргандай енгил титраб олди. Қўшниларнинг беоқибатлиги хусусидаги таассуротидан сўнг гаплари тугаб қолгандай бир оз жим юрди. Сўнг муҳим нарсани эслагандай:
— Ресторанларда овқат ейишни яхши кўришаркан, — деб қўйди.
— Хотинларини авайлашади-да, — Асадбек шундай деб Манзурага қараб қўйди. Худди хотини «Сиз нима учун мени авайламайсиз?» дегандай бўлди. Асадбек қудаларидан фарқли ўлароқ, ресторанларга Манзурасиз борарди. Ресторанда ўтувчи тўй-ҳашамга бирга келишса ҳам айри-айри ўтиришарди. Янги уйга кўчиб ўтишганида Асадбек Манзуранинг оғирини енгил қилиш мақсадида хизматчи ёллаган эди. Уй тутишда ўзининг йўриғи бўлган Манзурага, хизматчи қанчалар чаққон, қанчалар саришталик бўлмасин, барибир ишлари ёқмади. Айниқса етти ёт бегона аёлнинг уйида ивирсиб юриши малол келиб уч кундан сўнг жавобини бериб юборган эди. Эрининг «нега бундай қилдинг?» деган саволига «Қўйинг, болалар билан ўзимиз эплаймиз. Ҳамма ишни хизматчи қилса, болалар танбал бўлиб ўсишади», деб жавоб қайтарган эди. Зайнабни узатишгач, Асадбек яна хизматчи ёлламоқчи бўлганида Манзура рад этди, Асадбек «майли, уйдаги ишлар билан овунади», деб унинг раъйига қаради.

Ҳозир ресторандан гап очилганидан Асадбек хотинини сийлагиси келди. Кўприкка етишганида ўйлаб ўтирмай нариги соҳилга, ундан эса марказ томонга йўл бошлади. Ресторан сари юришганида Манзура эрига савол назари билан қаради.
— Қорним очди, бир нима еб олайлик, — деди Асадбек бу қарашга жавобан.

Ресторанда одам кўп эмасди. Ичкари кирган Асадбек бир зум тўхтаб, атрофга назар ташлади. Ёшлари ўтиброқ қолган бу эр-хотинга биров эътибор қилмади. Бурчак томондаги стол атрофида давра қуриб, сигарет тутатиб ўтирган хизматчи жувонлардан бири уларга кўз қирини ташлаб қўйди-ю, «истаган жойларига ўтиришсин, шунга қараб биттамиз ўрнимиздан жиламиз», дегандай яна ўз давраси билан машғул бўлди.

Бу ҳолда туриш Асадбекнинг ўзига ҳам эриш туюлди. Узоқ эмас, кечагина ресторан остонасига етмаёқ уни таъзим билан кутиб оладиганлар қани? «Бек ака, тўрга ўтинг...», «Бека ака, қанақасидан қуяй?», «Бек ака, бедана кабобни олиб келаверайликми?», «Бек ака, ашула ёқмаяптими? Ҳозир овозини ўчиради»... Қани бу иззату икромлар? Отдан тушганидан кейинги аҳвол шу бўладими бундан бу ёғига?..

Асадбек ғашланганини хотинига сездирмаслик учун уни билагидан аста ушлаб, деразага тақаб қўйилган бўш стол сари бошлади. Ўн дақиқа чамаси вақт ўтгач, бўлиққина хизматчи аёл яқинлашди-да, қандай овқатлар борлигини маълум қилди. Асадбек тилга олинмаган таомни сўради.
— Манпар йўқ, умуман суюқ овқат йўқ, — деди хизматчи бир оз энсаси қотган тарзда.
— Унда тобоқи жўжа олиб келинг,— деди Асадбек.
— Бунақасини уйингизга борганда ейсиз, бизда умуман тобоқи бўлмайди, — деди хизматчи энди қўрсроқ оҳангда. Манзура «бу қўрсликдан эрим сачраб кетмасин», деган ҳадикда унга қараб:
— Киевча котлет бераверсин, майли, — деди.

Хотинининг мулойим оҳангдаги бу сўрови бўлмаганда Асадбек чиндан ҳам бир-икки «ширин» гап айтишдан ўзини тиймаган, хизматчи жувон эса шу баҳонада онасининг қайси маҳлуққа қўшилиши оқибатида дунёда келганини билиб олган бўларди. Асадбек «Умринг бўйи киевча котлет ейишни орзу қилиб, энди шу ерда етишдингми?» деган маънода Манзурага қаради-да, хизматчига:
— Иккита киевча котлет. Хотинимнинг боши шунга қоронғу бўлган, — деди.

Жувон бу ҳазилга эътибор бермай, дафтарчасига буюртмани ёзди-да, «Яна нима?» деб сўради.
— Бўлди, — деди Асадбек.
— Салат... вино?..

Хизматчининг таклифлари чала қолди. Асадбек қўпол равишда:
— Нима кераклигини сенга айтдим, — деди.

Хизматчи жувон энсаси қотганини яширмай бурилиб кетгач, Асадбек сўкиниб қўйди.
— Уйга бора қолсак бўларди, — деди Манзура, ялиниш оҳангида.
— Йўқ, котлет, дедингми, энди ейсан шу котлетни, — деди Асадбек.
— Вой, қорним тўқ, — деди Манзура оғир жазога ҳукм бўлган одам каби чўчиб.

Хотинининг бу саросимасини кўриб Асадбек кулиб қўйди:
— Ке, энди сен ҳам бир яйраб ўтиргин. Бизнинг қудаларингдан камимиз борми? Биз ҳам еб кўрайлик ўша котлетни. У ёқлардаги хизматчилар қанақа экан, шунақа лопиллаган хотинларми?
— Йўға, у ёқда ёш йигитлар хизмат қилишаркан. Шамолдай елиб-югуришади, барака топгурлар. Дастурхонга битта ушоқ тушса дарров тозалашади. Мен ўзимизнинг одатимизни қилиб қошиқни сочиққа артсам, Ҳамидингиз «унақа қилманг, хизматчи йигитни балога қўясиз», дейди.
— Нега? — деб ажабланди Асадбек.
— Хўжайин кўриб қолса «қошиқни яхши тозаламай қўйган экансан», деб уни ишдан ҳайдаб юборарканда...

Ниҳоят, киевча котлет ҳам келди. Асадбек санчиқда бир тишлам узиб олиб, оғзига солди-ю, туфлаб ташлашни ёки ютишни билмай, жавдираб қолди. Манзура эрининг ҳолини фаҳмлаб кулдонни у томон сурди-да:
— Кўнглингиз тортмаса еманг, адаси, — деди.

Асадбек чала чайналган қиймани ташлади-да, баланд овоз билан хизматчи аёлни чақирди. Манзура жанжалнинг ҳиди келиб қолгани сабабли туришга тараддудланди.
— Адаси, юринг, кетақолайлик, болалар ҳам қайтишгандир.
— Ўтир, — деди Асадбек амр оҳангида. — Мен бу ерга овқат егани келганман.

Иккинчи чақиришдан сўнг хизматчи келди-да «Бунча бетоқатсиз?» дегандай қошларини чимирди.
— Ўтир, — деди Асадбек.
— Мижозлар билан ўтириш мумкинмас, — деди хизматчи.
— Мен сенинг мижозингмасман, ўтир дегандан ке-йин ўтир.

Оппоқ сочли бу одамнинг кўзларида чақнаётган қаҳр-ғазаб учқуни хизматчини омонат тарзда бўлса-да, ўтиришга мажбур этди.
— Мана шу киевча котлетни сенга илиндим. Ол, е! — деб амр қилди Асадбек.
— Қорним тўқ, емайман, — деди хизматчи.
— Тўқ бўлсанг ҳам е.
— Яхши пишмабдими, сизга ёқмадими?
— Еявер, зўр пишган.

Хизматчи бу мижоздан осон қутула олмаслигини фаҳмлаб қиймадан озгина ушатиб олди. Худди тотли таом еяётгандай чапиллатиб чайнаб, тезгина юта қолди.
— Хўш, ёқдими? Ўлган эшакнинг гўштимиди бу?
— Ёмон эмас-ку, сизга нимаси ёқмади? — деди хизматчи бир ютиниб қўйиб. Таомнинг ёмон эмаслигига ўзи ҳам ишонмагани учун бу гапни попуги пасайган тарзда, Асадбекнинг кўзларига қарай олмаган равишда гапирди.
— Итга берсанг ит емайди буни, яна ёмонмас дейсан-а! — Асадбек шундай деб бўралаб сўкди-да, ликопчани унинг олдига сурди: — Охиригача ейсан. Емасанг эмчакхалтангга солиб бераман, уйга борганингда кечаси билан кавшаб чиқасан.
— Сиз менга қўполлик қилманг, — хизматчи шундай деб ўрнидан турмоқчи эди, Асадбек уни билагидан ушлаб тортиб, жойига ўтқазиб қўйди. Бунга кўзлари тушган хизматчилардан иккитаси югуриб келишди:
— Натали, нима гап?
— Гражданин нега тўпалон қиляпсиз?

Асадбек уларга бир хўмрайиб қаради-ю, индамади. «Натали» дейилгувчи хизматчига эса яна амр қилди:
— Е!

Кўзлари жавдираб Манзура ўрнидан турмоқчи бўлди:
— Адаси...
— Ўтир жойингга!

Хизматчилардан бири тез-тез юриб қалин парда ортидаги ошхона томон ўтди. Дам ўтмай ўша томонда ресторан хўжайинининг муовини кўринди. У аввалига сочлари оқариб кетган Асадбекни танимади. Дадил юриб келаётиб, Асадбекнинг ўткир нигоҳи билан кўзлари тўқнашди-ю, биров оёғига ўроқ ургандай таққа тўхтади. Шу нафаснинг ўзида тиззасига қалтироқ югурди. Аммо турли одамларни кўравериб, муомаланинг минг бир турини ўзлаштирган муовин тезда ўзини қўлга олди. Нохушликдан хабар бериб, энди эргашиб келаётган хизматчига ўгирилиб, бир нима деб шивирлади. Хизматчи «маъқул» ишорасини қилгач, эпчиллик билан олдинга ўтиб, дугоналарининг ҳимоясига шай турган икки аёлни аста туртди-да, нарига бошлади.

«Нега бир ўзлари? Нега бизни ҳеч ким огоҳлантирмади?» — Муовин шу саволлар тўрига ўралиб Асадбекка рўпара бўлгач, таъзим билан салом берди.
— Бек ака, ғафлатда қолибмиз, узр...

«Ҳа, ҳали ҳам Бек акангман. Бек аканглигимча қоламан! «Асадбек шу гапни кўнглидан ўтқазиб унга қаради-ю, танимади. Яқин уч-тўрт йил ичида бу ресторанга кирмагани учун хўжайини ким, шотирлари ким билмасди. Буни ё Чувринди ё Кесакполвон яхши биларди.
— Хўжайин сенмисан бу ерга? — деб сўради Асадбек.
— Йўқ... хўжайин... ўзингиз биласиз, Норбўта акамгилар. Сал тоблари йўқроқ эди, изғиринда белни олдириб қўйибдилар.
— Сенларни белдан эмас, калладан олган.
— Бек ака, бу ёқда жой тайёр эди, ўтайлик. Натали, тур, ишингни қил.

Хўжайини талаби билан қўзғолган хизматчини Асадбек қаҳрли қараши билан жойига михлади-да, ҳамон таъзимда турган муовинга буюрди:
— Сен ҳам ўтир, Натали жононингга қарашиб юборасан. Бунинг ўзи тирсиллаб турибди, яна бўкиб қолмасин.
— Бек ака, жой тайёр эди-я...
— Сенга ўтир, дедим. Шу котлетнинг биттасини еб берасан.

Муовин ўтиргач, Асадбек Манзурага аталган котлетни у томон суриб қўйди. Муовин «сени деб мен ҳам балога қолдим-ку, ол е», деган маънода хизматчига қаради-ю, санчиққа қўл узатди.

Шу онда Асадбек янглиш фикр юритаётганди. Бу фикри ўзи яхши кўриб айтиб юрадиган «йўлбарс-йўлбарсдир, ҳеч қачон қўзичоқ бўлмас», деган гапига зид эди. Тўғри, бирон идора раҳбари ишдан кетса, унга пойи патак бўлиб, лаганбардорлик қилиб юрувчилар дарров тўнни тескари кийиб оладилар. Аммо шайтанат оламида бундай ҳолат кам учрайди. Бунда йўлбарс-нинг йўлбарслик, бўрининг бўрилик «гувоҳномаси» олиб қўйилса ҳам у беозор жониворга айланмаслигини барча билади. Бу оламда «гувоҳнома» шунчаки олиб қўйилмайди, балки гўрковга топширилувчи «ўлим ҳақидаги далолатнома» билан алмаштирилади. Бундай далолатнома берилмас экан, четга сурилган одамдан барибир қўрққулик. Шунга кўра «Асадбек ўйиндан чиқибди», деган гап тарқалган тақдирда ҳам, «Ўқилон»нинг аввалги шуҳрати атрофдаги одамларни талвасадан қутқармайди.

Ҳам чандир, ҳам ҳидланган гўштдан тайёрланган котлетни чайнаётган муовин ҳам бундан мустасно эмас. Айни дамда биров келиб унга: «Жинни бўлмасанг-чи, бу одам энди ҳеч ким эмас», деса ҳам у «Шу қиймани еб ўлмасман, лекин емасам ўлишим эҳтимоли бор», деган эҳтиётда Асадбек амридан барибир бўйин товламасди.

Ликопча бўшагач, муовин ичкарида жой тайёр эканини яна эслатди. Манзура эса «адаси кетақолайлик» деган маънода ялиниб қаради. Асадбек ҳар иккала таклифни эътиборсиз қолдириб индамай ўтираверди. У безатилган дастурхон учун паст кетиб, жойни ўзгартиришни истамади. Муовин дастурхон шу ерда безалиши шартлигини уқиб, таъзим билан изига қайтди.

Аввал дастурхон алмаштирилди. Улар кирганда эътиборсиз равишда сигарет тутатиб, без бўлиб ўтирганларнинг барчаси чаққон тарзда хизматга киришди. Фақат Натали деганлари кўринмади. Муовин «сени кўрсалар Бек акамнинг ғашлари келади», деб уни ошхонадаги хизматга қолдирган эди.

Ўзига оро бериб кийинган уч йигит дастурхон усти ноз-неъматлар билан безалаётган пайтда ресторанга беписандлик билан кириб келиб ўртада тўхташди. Олдинроқда тургани ўтирганларга бир-бир қараб, кимнидир қидиргандай бўлди. Сўнг тўрдаги стол атрофида ўтирган уч эркак, икки жувондан иборат давра сари юрди-да, уни кўриб саросима билан ўрнидан қўзғолган чиройли жувонга тарсаки тушурди. Буни кўрган Манзура чўчиб ёқасини ушлаганича нажот кўзлари билан эрига қаради. Асадбек хотинининг хавотирини сезмагандек, худди зерикарли кинони эснаб тамоша қи-лаётган одам сингари бамайлихотир ўтираверди.

Тарсаки урган йигитнинг икки шериги даврадаги эркакларнинг орқасига ўтишганида жувон:
— Булар билан бирга ишлаймиз, бугун менинг туғилган куним эди, — деб уларни ҳимоя қилмоқчи бўлди. Йигит ўрнидан жилишга, аёлни ҳимоя қилишга уринмаётган эркакларга қаради-ю, шерикларига «урларинг», деб имламади. Жувоннинг билагидан маҳкам ушлаб, бармоғидаги узукни тортиб олди. Кейин «соатни еч!» деб буюрди. Жувон титроқ бармоқлари билан соатни ечиб узатгач, яна тарсаки еди. Бу сафар зарба қаттиқроқ бўлгани учун қалқиб кетди. Йигит уни яна урмоқчи бўлиб хезланганида ошхона томондан югуриб чиққан хизматчи орага тушиб, унга нимадир деди. Йигит шу оннинг ўзида шаштидан тушиб, Асадбек томонга қараб олди-ю, шошқич равишда изига қайтди. Урушга шай турган шериклари нима воқеа юз берганини англамай таажжуб билан унга эргашдилар.

Бу томоша Асадбекка ёшлик йилларини эслатди.

Ресторанга кирган пайтларда Кесакполвоннинг шунақа қилиғи бўларди. Баъзида ўзига ёққан жувонга эга чиқишни истаб қоларди. Кўча-кўйдами ёки бозордами ови юришмаган кезлари эса ресторанга ўйнашлари билан кирганларни шилиб олиш ҳаракатини қиларди. Ресторан, меҳмонхона атрофларига ин қўйган фоҳишаларнинг кўпини яхши билувчи Кесакполвон худди ҳозиргидай тамошани кўрсатарди. Кесакполвон билан тил бириктирган фоҳиша бир-икки тарсаки ерди-ю, кейин улушни олгач, мукофотига унинг тўшагини обод қиларди. Асадбек, ўша кунларни эслаб «бу тамоша ҳозир ҳам бор экан-да», деб ўйлади.

Дастурхон шоҳона кўриниш олгач, муовин яна таъзим билан пайдо бўлиб, шишаларнинг қопқоғини очмоқчи бўлди.
— Очма, — деди Асадбек.
— Одамдан азиз бўлибдими, Бек ака. Табаррук қилиб беринг, ўзимиз отамиз, — Муовин шундай деб туриб қадаҳларга коняк қуйди. Асадбек узатилган қадаҳга қўл узатмагач, нима қилишини билмай ноқулай аҳволга тушди. Асадбекнинг:
— Ўзинг ич, — дейиши уни бу аҳволдан қутқарди. Қадаҳни Бек акасининг соғлиғи учун кўтариб, яна ошхонага қайтди.

Кўп ўтмай икки косада манпар келди. Асадбек хотинига «кўрдингми, буларни», дегандек қараб, истеҳзо билан жилмайиб қўйди, бироқ, қўлига қошиқ олмади. Манзура ҳам «енди бу ёғи нима бўларкин» деб ҳаракатсиз ўтираверди. Манпар совушга улгурмай тобоқи жўжа ҳам келтирилиб, ёқимли ҳиди иштаҳани қитиқлади. Ана шундан кейин Асадбек чўнтагидан пул чиқариб санагач, дастурхон устига ташлаб устига конъяк шишасини бостириб қўйди-да, ўрнидан турди. Асадбекнинг бу қилиғидан талвасага тушган муовин:
— Бек акажон, бизни уялтирманг, — деб ялинди.
— Ҳалиги йигитларни танийсанми? — деб сўради Асадбек унинг гапига парво қилмай.
— Биринчи кўришим... танимайман, — деди муовин довдираб.
— Чўтал беришмайдими сенга, шунақа лақмамисан? Эртага Жамшид деган йигит келади, ўша болалар шу ерда бўлишсин.

Кузатиб чиққан муовин уларнинг пиёда кетишаётганини кўриб ажабланди, лекин «машина чақирайми?» дейишдан қўрқиб, индамай тураверди.

2

Эрталаб Асадбек нонушта қилиб бўлгач, Манзура тўйдан гап очди:
— Маҳмуднинг қирқи ўтгандан кейин деганман-ку? — деди Асадбек унга жавобан.
— Йигирмалари ўтди... Майли, сиз нима десангиз шу. Лекин.. кунини белгилаб, тўйга айтаверсак бўлармиди... биласиз-ку, одамлар тиллари билан юрадиган бўлиб кетишган...
— Яхши... Бор, Самадингни чақир.

Манзура гапни кўпайтирмай ўрнидан чаққон турди-да, ўғлини бошлаб қайтди. У тўйнинг маслаҳати бўлар, деган фикрда яна эрининг рўпарасидан жой олди. Лекин Асадбек ҳозиргина тўй ҳақида гап бўлганини унутгандай ўғлидан бутунлай бошқа нарсани сўради:
— Кеча Қамар амакинг чиқибдиларми? Нималарни гаплашдинг?

Манзура Абдусамадни бошлаб келаётганида йўл-йўлакай «аданглар тўй кунини белгиламоқчилар, тортинмай гапингни айтавер», деб шипшиб қўйган эди. Шу сабабли ўғил отасининг саволидан ажабланиб, онасига қараб қўйди. Манзура «қайдам, ўзим ҳам ҳайронман, бу кечаги гап эди...» дегандай пастки лабини аста тишлаб, нигоҳини олиб қочди. Абдусамад эса мужмалроқ тарзда:
— Уйни сотмоқчимишлар, пулдан қийналиб қолишганмиш, — деб жавоб қилди.
— Сен нима дединг?
— Адамлар билан маслаҳатлашаман, дедим.
— Дуруст... — Асадбек шундай деб ўғлига синовчан тикилди. — «Сотаман», деб бошқаларга ҳам айтибдими?
— Йўқ. Биринчи бизникига чиқибдилар. Гапларининг мазмунидан бизга сотмоқчига ўхшайдилар.
— Ўзинг нима дейсан?
— Сиз нима десангиз...
— Мен сенинг фикрингни билмоқчиман. Сенам битта оилага бош бўляпсан. Четнинг ҳаётини кўрдинг. Қани, бир нима дегин-чи?

Бу гапдан сўнг она-бола кўз уриштириб олдилар.
— Ойингга қарама, мен сендан сўраяпман, менга қараб гапир.
— Сотишга астойдил аҳд қилишган бўлса... олганимиз маъқулроқмикин?
— Сен унақа мижғовлик қилма. Кечадан бери ўйлангандирсан, аниқ бир фикрга келгандирсан? Сотиб олганмиз маъқулроқми ё сотиб олишимиз керакми?
— Адаси, бунақа гапларни билмайди ҳали... — шундай деб орага тушган Манзура «Сен ақлинг етмаган ишларга аралашма», деган танбеҳ билан жим бўла қолди.
— Ойинг сенларни ҳали ҳам ёш бола фаҳмлайди,— деди Асадбек ўғлига, сўнг хотинига юзланди: — балони билишади бу болларинг. Четда ўқиганларни сен анойи дема.

Асадбек кейинги луқмасини жиндак меҳр билан айт-ган бўлса-да, Абдусамад аниқ фикрини билдиришга журъат этолмади. Отаси талабини яна қайтаргач:
— Олганимиз яхши, — деди.
— Қамар амакингга шундай дедингми?
— Йўқ, «адам биладилар», дедим.
— Яхши, яхши... уй сотилса биз олишимиз керак...— Асадбек ўғлидан кўз узмаган ҳолда пиёланинг четига чертиб қўйди. — Ўғлим, уйимиз торлик қилиб қолдими, сиғмаяпсизми?

Сизлашга ўтилиши яхшилик аломати эмаслигини билган Манзура безовталаниб, эрини чалғитиш мақсадида:
— Адаси, чой қуяйми? — деб сўради.

Асадбек бу гапга эътибор қилмай, ўғлига қаттиқ тикилганича жавоб кутди:
— Сиздан сўраяпман, сиғмаяпсизларми? Бошқа уй-жой қилиб берайми?

Абдусамад бошини эгган ҳолда ўзини оқламоқчи бўлди:
— Ада, унақа деганим йўқ-ку...
— Битта қоринга сиққан ака-ука битта уйга сиғмаслигини биламан. Сиз ўқишингизни битириб келгунингизча бундан яхшироқ уй-жой қурдириб қўяман. Аммо ён қўшнимизнинг уйини сотиб олмаймиз, ўғлим. Нимагалигини биласизми? Билмайсиз. Чунки жуда-жуда калта ўйлайсиз. Ҳали онангиз «одамлар тиллари билан юрадиган бўлиб кетишган», дедилар. Ўша тили билан юрадиган одамлар «Асадбек қўшнисининг мушкулини осон қилибди», дейишмайди. «Асадбек — золим, ён қўшнисини чиқиштирмай, сиқиб чиқариб, ўғлига жой солибди, эрта-индин бутун маҳаллани эгаллайди», деб ноғора-карнай чалишади. Шунақами? Нега индамайсан, гапир?
— Ада, кечиринг, буни ўйламабман.
— Ҳа, ана, энди ўзингга келдинг. Илмнинг изидан тушганинг яхши, лекин ҳаётнинг ғаламис томонларини унутишга ҳаққинг йўқ. Бизга таъзим қилиб, тиржайиб турганларнинг қўлларига қара, сал тескари бўлдингми, панжаларида чангаллаб турган лойни башарамизга чаплашади. Германияда балки бунақамасдир, сен илмни ўша ёқда олгину ҳаётни бу ерда ўрган. Тушундингми?
— Тушундим, ада.
— Тушунган бўлсанг, бор, Жалил амакингни олиб кел. Уйига қуруқ кириб борма, бозорга тушиб майда-чуйда олвол.

Абдусамад тобелик билан ўрнидан туриб чиқиб кетгач, Асадбек Манзурага қараб:
— Ҳамид ҳалиям ухлаяптими? — деб сўради.
— Эрталаб турувди. Сал мазаси йўқроқ.
— Нима бўпти?
— Шамоллаганга ўхшайди, «баданим қақшаяпти» дейди. Асал чой ичириб ётқиздим.
— Сен Қамар акани чақирчи.

Манзура амрни бажариш учун қўзғолганда Асадбек уни тўхтатди-да, «ўзим чиқа қоламан», деб ўрнидан турди.

Бу ҳовли сотиб олиниб қурилиш бошланаётганида ўзини ўзи ишбоши қилиб тайинлаган Кесакполвон шу қўшнининг ҳовлисига ҳам харидор бўлган эди. «Ҳеч бўлмаса ярмисини сотинг», деган таклифни Қамариддин «Ўғиллар бирин-кетин етилай деб туришибди. Уларга уй қурсак, ҳовли каталак бўлиб қолади», деб унамаганда Кесакполвоннинг ғаши келган эди. Ошнаси «шу қўшнингни инига кирғизвормасам юрган эканман...» деганида Асадбек «Тинч қўй уни, менга шу ҳовли ҳам етади», деб қайтарганди. Кесакполвон хожасининг гапини икки қилмай, Қамариддинни тинч қўйди-ю, бироқ, бу ёндаги қўшнини аврай-аврай аввал ҳовлисининг ярмисини сотиб олдирди. Кейинроқ «икки қизингиз билан ҳовлида нима қиласиз қийналиб», деб юриб, қолган ярмини шаҳар марказидаги тўрт хонали уйга алмаштирди-ю, сўнг кўнгли ором топди. Асадбекнинг «бекор қилдинг шу ишни», деган гапига «Сенинг обрўйинг менинг обрўйим, сен билан бир иш қиладиган одам аввал уйингга қарайди. Каталакда ўтирсанг биров афтингга боқмайди», деб жавоб қайтарган эди.

Кеча Манзура «уйни сотишмоқчимишми...» деганида Асадбек Кесакполвоннинг ўша пайтдаги аҳдини эслади. «Бу мараз яна менга яхши кўриниш учун Қамар акани сиқувга олдимикин?» деб ўйлади. Ўғлининг фикридан ғашланишининг иккинчи сабаби шу эди.

Асадбекнинг қўшничилик бурчини бажариши тўй-маъракаларга бирров чиқиб қўйишдан иборат эди. Кўчада кўришиб қолишгудек бўлишса ҳам асосан салом-алик билан кифояланарди. Асадбекнинг ҳовлига кириб келиши Қамариддин учун кутилмаган бўлгани билан мақсади маълум эди. Дарвозахонага тақаб чол-кампир учун солинган пастак уйга кириб ўтиришгач, дуойи-фотиҳадан сўнг Асадбек гапни чўзиб ўтирмай муддаога ўтиб қўя қолди. Бир пайтлар ҳовлига харидор бўлган одам, бугун ё эртанинг ўзида сотиб олади, деган ишончдаги Қамариддин ҳам чайналиб ўтирмай, ниятини айта қолди:
— Шу ҳовли бегона бўлмасин, ўзингиз олинг, — деди у.
— Менинг уйим бор, — деди Асадбек.
— Мен ўғилларингизнинг бирига ватан бўлармикин, девдим.
— Сизнинг ўғилларингизга ватан керакмасми?
— Керакликка керак... қўл калта-да, Бек ака.
— Қамар ака, сизга бу ишни биров ўргатдими, ё битта-яримта зўр «сотасан», деб зўрладими?
— Мени ким зўрларди, ҳаётнинг ўзи мажбурлаб қўяркан.
— Заводда неча йилдан бери ишлайсиз? Ўттиз йил бўлгандир, а?
— Ўттизингиз нимаси, қирқ беш йил бўлди. Уруш вақтида ўн тўрт ёшимда бошлаганман ишни. Дастгоҳга бўйим етмасди, оёғимнинг тагига ғишт қўйиб беришарди.
— Шунча ишлаб қўйибсиз, уй сўрамайсизми?
— Вақтида навбатга туриб қўймаган эканман. Оми одамман-да.
— Ҳозир навбатингиз борми ишқилиб?
— Борликка бор-ку, лекин элликнинг нарёғида. Бу йил завод битта уй қурувди, навбат яқинлашиб қолармикин, десам, Россиядан ишчилар келадиган экан, уй ўшаларга берилармиш. Катта ўғлим ҳам ишхонасида навбатда турибди. Туновинда ҳисобласак, навбати ўттиз йилда келаркан.
— Ота-бола иккита уй олсаларингиз масала ҳал-ми?

Қамариддин Асадбекнинг мақсадини англаб ўнғайсизланди:
— Бек ака, шу жойни олиб қўя қолганингиз яхши эди бизга.
— Менга уй керакмас, — деди Асадбек қатъий тарзда, кейин самимий оҳангда қўшиб қўйди: — Менга қўшни керак.
— Раҳмат, Бек ака, ўзи... сизнинг олдингизда ҳижолат эдим.
— Нега ҳижолат бўласиз? Сиз билан бизнинг орамизда гап-сўз бўлиши мумкинмас.
— Ўртанчамни яхши сомсахонага жойлаб қўювдингиз. Тирикчилик туппа-тузик ўтиб турувди. Бола тушмагурнинг сомсапазликка сираям тоқати йўқ-да. Мендан бемаслаҳат автобазага бориб ишга жойлашиб олибди. Бир шалақ аравани бериб қўйишган, бир кун юрса ўн кун қора мойга беланиб тузатади. Шунда ҳам шаштидан қайтмаяпти. Жуда ўжар-да.
— Карате билан шуғулланадигани шу боламиди? Ташлаб юборгандир?
— Бе, қаёқда! Карате дегани унинг жони-ку! Иккита болали бўлдинг, қўй энди, десам ҳам «отаммисан сен, кимга гапиряпсан» демайди.
— Шу ўғлингизни менга беринг, менда ишласин.

Бу таклиф Қамариддин учун ҳам кутилмаган, ҳам ёқимсиз бўлди. Шу сабабли ҳамсуҳбатига бир оз тикилиб, дарров жавоб қайтармади, сўнг:
— Қанақа бўларкин... автобазасига анча ўрганиб қолувди, хўжайинлари «янги мошин келса, сен оласан», деб ваъда қилишибди...

Асадбек бу мужмал гапнинг асосида қандай хавотир яширинганини фаҳмлаб, афсус билан кулимсираб қўйди:
— Қамар ака, шу гапингизга қойил қолмадим. Неча йиллик қўшнимиз-у, лекин сиз ҳам бошқаларга ўхшаб ҳар хил миш-мишларга ишонасиз. Худди мен ўғлингизнинг қўлига болта бериб жаллодга айлантириб қўядигандай қўрқасиз-а?
— Унақа эмас, Бек ака, сизни ҳурмат қиламан.
— Ҳурмат қиласиз-у, лекин қўрқасиз. Сизга айтмагандирман, ўзингиз одамлардан эшитгандирсиз балки, мен болалигимдан бошлаб қиморнинг хадисини олганман. Гапнинг дангалини, нақдини, ҳалолини, хуллас, ўғил боласини ёқтираман. Илгари ҳам болаларингизни беринг, деганимда мижғовлик қилувдингиз. Мен пул топишни биламан. Агар хоҳласангиз ўғлингизга кооператив таксилардан биттасини бериб қўяй, истасангиз узоққа қатнайдиган КамАЗлар бор.
— Бек ака, узоқнинг иши қийин. Бориб келгунча хавотирдан ёрилиб кетарман.
— Унда ўзимнинг мошинамни ҳайдайди. Доим кўз олдингизда бўлади. Ўйлаб кўринг, кўнглингизда озгина гумонми, хираликми бўлса — мен таклиф қилмадим, сиз эшитмадингиз. Орада гиналик йўқ. Мен «уйни сотманг», деб чиқдим, сиз шунга кўндингиз — бошқа гап-сўзимиз йўқ.

Асадбек шундай дегач, ўрнидан турди.

Кўчага қадар кузатиб чиққан қўшнисини таомилга кўра уйига таклиф қилди. Қамариддин бу лутфга «Худо хоҳласа тўйларда чиқармиз», деб яхши ният билан жавоб қилди.

Эрининг ҳовлига кириб келаётганини кўрган Манзура ошхонадан чиқди-да, «Ҳайдар ака келганлар», деб меҳмонхона томонга қараб қўйди. Асадбек Кесакполвоннинг бугун албатта келишини биларди. Шу боис хотини айтган янгиликдан ажабланмади. Эри билан Ҳайдар акаси орасида қандай гап ўтганидан, охири икковидан бирининг ёки икковининг ўлими билан якунланувчи йўлга қадам қўйганларидан бехабар Манзура Кесакполвоннинг кириб келишида ғайри табиий ҳолатни сезмади, унинг қаймоқ, иссиқ нон кўтариб кириб келишини одатдаги ташрифлардан деб билгани сабабли эрига айтган хабарида таажжуб оҳанги йўқ эди.

Меҳмонхонадан чиқиб келаётган Муштарийга кўзи тушган Асадбек хотинига «келининг нега кирди у ёққа?» деган маънода савол назари билан қаради.
— Чойни олиб кира қолинг, девдим, — деди Манзура.
— Бу уйда эркак зоти йўқми, хизмат қиладиган?

Манзура «Самаджонга ўзингиз иш буюрдингиз, Ҳамиджоннинг тоби йўқлигини айтдим-ку», деб ўзини оқлашга журъат қилолмай, эрига мўлтиллаганича қараб тураверди. У эрининг сўкиб беришини кутган эди. Муштарий яқин келиб қолгани учун Асадбек хотинини сиқувга олмади. Келинига:
— Қизим, бизда келин бегон эркак ўтирган уйга кирмайди. Меҳмонга аталган нарсани шундай остонага қўйиб секин овоз беради. Тўғри айтяпманми, онаси, сен шунақа қилардинг, а?
— Ҳа, бегоналарга шунақа қилинади. Ҳайдар ака амаки қатори бўлганлари учун...

Эринниг авзойи бирданига ўзгарганини кўрган Манзуранинг гапи оғзида қолди. Асадбек «Буларга амаки бўладиган укам ўлиб кетган», деб тўнғилламоқчи эди-ю, келин ҳузурида ноқулай аҳвол юзага келиши мумкинлигини фаҳмлаб, индамай қўя қолди.

Кесакполвон деразанинг ўнг томонида, ҳар доим ўтирадиган жойида ёнбошлаганича қаймоқхўрликни бошлаб юборган эди. Косадаги қаймоққа ботирилган нон бўлакларини чой қошиқда биттадан олишга қаноат қилмай беминнат бармоқларини ишга солиб қўя қолганди. Асадбек остонада пайдо бўлиши билан Кесакполвон қаймоқ юқи бармоқларини ялаб ўрнидан турди-да, кўришмоқ учун билагини тутди. Асадбек кайфияти дуруст бўлса, Кесакполвоннинг бу қилиғи эътиборисиз қолар, бир нимадан ғашланиб, ёки аччиқланиб турган бўлса, «Қўлингни артсанг ўлиб қоласанми», «Бурнинггача қаймоқ чаплабсан-а, бунча исқирт-сан», «Кучук болага ўхшаб чаппиллатаверма» каби заҳарли танбеҳларни эшитарди. Эшитарди-ю, «қаймоқхўрликнинг асл мазаси шунда-да», деб ўз билганидан қолмас эди.

Кесакполвоннинг бармоқларини ялаб, кўришмоқ учун билагини тутиши Асадбек учун янгилик эмасди. Илгарилари буни бефаросатлик рамзи сифатида қабул қилган бўлса, ҳозир менсимасликнинг бир кўриниши деб билиб ғашланди. Қандайдир овоз (балки шайтон алайҳилаънадир) «заҳарли сўзларингни санчиб-санчиб олсанг-чи, индамай қўяверасанми», деди. Бошқа овоз эса (балки Яратганнинг фаришталаридир) «Сен энди бу билан ўчакишма, сир берма, ўзингни бир поғона паст ол, кам бўлмайсан. Шундай қилки, уни ғафлат боссин...» деб шаштидан қайтарди, кўнгил ғашлигини сездирмади.

Кесакполвон гўё қаймоқхўрлик билан банд бўлса-да, ошнасининг кўз қарашларидан, сўзларидан бир нимани илғаб олишни истарди. Айни чоқда кеча болохонадаги йигитларнниг қўнғироғидан кейин уйғонган навбатдаги талвасасини ошнасига сездирмасликка тиришарди. Фақат ўзигагина маълум ўтда қоврилаётган Кесакполвон чойдан бир-икки хўплаб хўриллатиб ичди-да, ошнасидан ҳол сўраган бўлди:
— Қаёқда юрибсан, бирга қаймоқҳўрлик қилармиз девдим.
— Шунақа нияти бор одам эртароқ келади, — деди Асадбек унга жавобан.
— Вақтли келмоқчийдим, — Кесакполвон шундай деб оғзини қаймоқли нонга тўлдирди-да, косани Асадбек томонга салгина суриб «Ол, е» деб манзират қилди. Кейин луқмасини чала-чулпа ютиб изоҳ берди: — Бугун уйқудан кечроқ турсанг керак, деб ўйлабман.
— Кун ёйилгунча биқсиб ётганимни кўрганмидинг?— деди Асадбек зардали оҳангда.
— Ресторандан кейин бошинг оғриб ётгандирсан, дебман-да, — Кесакполвон «қойилмисан» дегандай айёрона кулимсираб қўйди.

Бошқа одам бўлганида балки «Ие, шундан ҳам хабар топдингми!» деб ажабланган бўларди. Асадбек эса бу гапни эътиборсизлик билан тинглади.

Муовиннинг ресторан хўжайинини топиб нохуш воқеадан хабардор қилиши, унинг эса ярим кечадами ёки эрта тонгдами Кесакполвонга учраб, «Бек акалари ҳузурида узрли бўлиб қолганлари»ни айтмоғини Асадбек ҳисобга олиб қўйганди. Кесакполвоннинг бугун албатта келишига ишончи борлигининг биринчи сабаби шу эди. Иккинчи сабаби эса, гарчи болохонадаги йигитлар «Эрталаб Ҳайдар акаларингга учрашларинг, бундан бу ёғига бажардиган ишларингни айтади», деган амрни олсалар-да, эртани кутиб ўтирмай ўша заҳотиёқ акаларига сим қоқиб, «уйдан чиқларингу Бек акаларингга сездирмай кўчада пойлаларинг», деган буйруқни олишлари аниқлиги эди.

Асадбек кечқурун ресторандан қайтганида аввал болохона деразасига боқди: ҳамиша ёниб турувчи чироқнинг ўчирилгани йигитларнинг йўқлигидан дарак эди. Шундай бўлишини ўзи хоҳлаган бўлса-да, юқоридаги чироқнинг ўчиши давру даврони, шуҳрати машъаласининг сўнишидан дарак бергандай юраги бир увишди. Айни нафасда муюлишда икки кишининг қорасини кўриб, Кесакполвондан амр бўлгани, ошнасининг эрталаб етиб келажагини англади.
— Бўтавой қашқани пичоқсиз сўйиб келибсанку, — деди Кесакполвон, дастурхонга томган қаймоқни жимжилоғи билан ялаб.
— Қашқанг ким? — деб сўради Асадбек.
— Танимайсанми? — Кесакполвон «ростданам танимайсанми ё мени лақиллатмоқчимисан?» дегандай унга синовчан боқди. Ҳатто лаблари бир пас чапиллашдан тўхтади.
— Рестораннинг хўжайинини танимайсанми? Маҳмуд орага тушиб қўйдирувди-ку?
— Эсимда йўқ... нима, олдингга эмаклаб бордими?
— Эмаклайдиган одамни учиб борадиган қилиб қўйибсан-ку. Ёмон эзибсан бола пақирни. Агар овутиб қўймасам унга иштон чидамай қоларди.

Кесакполвон шундай деб кулди, ошнасидан «нима қилибманки, бунчалар эзилса», деган мазмунда гап кутди. Асадбек эса ошнасининг гапини уқмагандай жавоб қайтармади.

Узоқ йиллар мобайнида ораларида сир бўлмаган, бир-бирини дўст деб билган, қилинган гуноҳларга тенг шерик ҳисобланмиш бу икки одамнинг ўзга-ўзга оламга чекиниб ўтириши ажабтовур эди. Шарафли ҳадисда айтилмиш эканки, «бировга ҳаддан зиёд ишонч билан сирдош дўст тутинмангки, вақти келиб у душманга айланиши эҳтимоли бордир, душман ҳисобланмиш киши билан ҳаддан зиёд ёвлашмангким, вақти келиб у сизга дўст бўлиб қолар...»

Душманга айланиш алҳол эҳтимол эмас, ҳақиқатга айланди. Бу ҳақиқатни иккови ҳам яхши билади. Аммо бир-бирига сир бой бермайди. Душманликларини, бир-бирларидан хавотирлари мавжудлигини гап-сўзлари ошкор қилиб қўймаслиги учун тилларига эҳтиёт бўладилар. Кесакполвоннинг хоинлигига шак-шубҳаси қолмаган Асадбекнинг ҳукми тайин, фақат ижро услуби ва вақти аниқ эмасди. Аслида Асадбек учун унинг изини қуритиш мураккаб муаммо эмасди. Ё биттагина ўқ билан, ё ярим қулоч чилвирми ё бигизми, ёки уч-тўрт томчи заҳар билан бу масалани ечиши мумкин, фақат йигитлардан бирига ишора қилиб қўйиса кифоя: Кесакполвон Хумкалланинг тақдирига шерик бўлиб кетаверарди. Лекин қаймоқ юқи бармоқларини ялаётган Кесакполвоннинг тақдири фақат Асадбекнинг ҳукмига эмас, Хонгирейнинг марҳаматига ҳам боғлиқ эди. Нас-ронийларнинг таъбири билан айтилганда, Хонгирей — чўқинтирган ота — тутинган ўғлини ўлим чангалига осонгина топшириб қўймаслигини Асадбек яхши биларди. Ўртада ўзининг эмас, фарзандларининг тақдири гаровда экани уни ҳар қандай очиқ ҳамладан тутиб турарди. У «тутинган ўғил»нинг «чўқинтирган ота» қўлидан ўлим топишини истарди. Бунинг учун эса фурсат керак. Ана шу фурсат ичида бармоқларини ялаб, чапиллатиб чайнаб ғашига тегиш нима экан, елкасига чиқиб олиб, таҳорат ушатиб юборса ҳам чидайди. Бош-қа иложи йўқ.

Ошнасининг пайт пойлаётганини сезиб юрган Кесакполвон Асадбекнинг содиқ йигитларидан ҳадиксирарди-ю, зарбанинг Москва томондан келажагини тахмин ҳам қилмасди.

Коса бўшаб, қаймоқ юқлари бармоқлар воситасида ялангач, чой қуйилиб, хўриллатиб ичилди-ю, бир томоннинг нафси ором олди, иккинчи томоннинг эса кўнгли айниди. Кесакполвон бармоқлари, сўнг лабини сочиққа артгач, ён чўнтагидан пул чиқариб Асадбекка узатди. Асадбек пулга қўл узатмади, «нима бу?» деб сўрамади ҳам.
— Ресторандаги зиёфатнинг ҳаққини ташлаб кетган экансан, — деб изоҳ берди Кесакполвон, пулни дастурхон устига қўйиб, сўнг ёнида турган газетага ўроғлик тахламни очиб бир даста пулни кўрсатди: — Буниси суюнчи. Анчадан бери бу ресторанга кирмай юриб бирдан бориб қолганингга қувониб кетишибди. Сенинг номингдан уларни ўзим кечириб қўя қол- дим, — Кесакполвон бу пулларни ҳам дастурхон устига қўйиб, тепасига сочиқ ташлади. — Бугун иккаламизни зиёфатга чақиришяпти. Сасиган котлетни берган бефаросатнинг шкалат қизи бор экан, сенга илиниб туришибди, бир табаррук қилиб бераркансан.

Кесакполвоннинг «сасиган котлет»ни тилга олиши «менсиз юрсанг кунинг шунақа сассиқ таомларга қолади», деган маънода жаранглаб, Асадбекнинг иззат-нафсига тегди. Индамай ўтиравериш ўзига ҳам малол келиб:
— Қизи шкалат эканми? — деб сўради.
— Шкалатки, у ёқ бу ёғи йўқ, — деб таъриф берди Кесакполвон.
— Ўзинг табаррук қилиб бергандирсан?
— Қўйсанг-чи, мен сенга шилта нарсани илинаманми? Ҳали соат олтида ўзим келиб олиб кетаман. Сен ўзингни у ёқ бу ёққа ташлаб, ноз қилма. Битта дўхтир айтди: узоқ яшайман деган одам онаси ўпмаган маржалар билан муомала қилиб туриши керак экан. Мен сенинг юзга киришингни истайман, ошнам.
— Ўзинг боравер, менинг ишларим бор, — Асадбек бу ҳақда гаплашишни истамаганини маълум қилиш мақсадида бутунлай бошқа мавзуга кўчди: — Идорабоп жой танладингми? Кечаги кун хонамизга кирувдим, мениям ютворай деяпти, Маҳмуднинг ўрни билиниб турибди.
— Жой қидиряпман, марказдан кўнгилга ёқадигани чиқмаяпти.
— Марказга ёпишаверма, четроқдан бўлгани тузук.
— Бир-иккита жойни кўз остига олиб қўювдим, бир бориб кўрсанг бўлармиди?

«Бу ҳам бир ўйин-да. Менга кўрсатасан-у, ўз билганингни қиласан. Менга маъқул жойга икки дунёда келмайсан. Мен орқангдан эргашиб юриб, лақиллаб қолавераман. Сен эса мен билан яқинлигингни ўзингча исбот қилган бўласан, а?» Асадбек шундай деб ўйлади-ю, аммо тили бошқа гапни айтди:
— Яхши. Аввал сўраб-суриштириб бир қарорга келавергин-чи... Энди сенга маслаҳатим: бир гап бўлса осон қутулиб кетиш йўлини ҳам ҳисобга ол. Бу идорамизда ҳисобини олмаган эдик, қопқонга тушгандек ўтирардик. Замон бизга тинч эди, билинмади, хавотиримиз йўқ ҳам эди. Аввало Худо асрасин-у, лекин эҳтиётини ўйлаб қўй.

Бундай жўяли маслаҳатни аямай айтишига асосий сабаб: оёғи остидаги тиконни кўрмай қадам босувчи собиқ аъёнини ҳукумат таъқибидан асраш эди. Агар Кесакполвон нодонлик қилиб шу тиконни босса, ҳукумат тузоғига илинса, Хонгирей «Ҳа, ўзи аҳмоқ экан», деб қўймайди, аксинча Асадбекдан кўради. Фурсатдан фойдаланган Асадбек бу маслаҳати билан яна нишонга урди: меҳрибон дўст либосини ҳали ечмаганини, унга нисбатан душманлиги йўқлигини билдириб қўймоқчи эди. Кесакполвон маслаҳатни собиқ хожаси истаган тарзда қабул қилиб, ийиб кетди:
— Бу гапингда жон бор, — деди у. — Ўрни келиб қолди, энди яна битта маслаҳатинг керак Маҳмуднинг болларига жавоб бериб юборсаммикин? Бу ёқда Ҳосилнинг боллари ҳам лақиллаб юришибди. Шунга нима дейсан?

Асадбек собиқ аъёнига синовчан тикилди: «Уларга қўшиб менга содиқ йигитларнинг ҳам думларини тугарсан?» деди унинг кўзлари. Кишининг кўзига қараб дилидагини билиб олиш қобилиятидан маҳрум Кесакполвон «саволим кутилмаган бўлди, ошнамни қийнаб қўйди», деб ўйлади.
— Душманларинг камми, яна кўпайтирмоқчимисан? — деди Асадбек ундан кўз узмай.
— Нега ундай деяпсан?
— Болларни қўйиб юборсанг, кейин улар нима қилишади? Битта зўрроғи, фаросатлироғи чиқиб қолганларни атрофига тўпласа-чи? Ҳосилбойваччанинг ўрнига яна ўнтаси пайдо бўлади. Кейин бу ёғи урчиб кетаверади.
— Сен ҳамма нарсадан чўчийверма. Ҳосилдақасидан мингтаси менга рўпара келсин, жиғини эзиб, дабба қилиб қўярман, — Кесакполвон шундай деб ўрнидан турди.
— Катта кетма, — Асадбек бошқа гап айтмай, уни кузатиш мақсадида ўрнидан турган дамда ҳовлида Жалилнинг овози эшитилди.
— Акахон келдилар-ку,— деди Кесакполвон пичинг билан. Сўнг бир нарсани эслагандай остонада тўхтади:— Ҳа, айтмоқчи, йигитларга бир нима дебсанми?

Асадбек Кесакполвоннинг шу ондаги усталигига тан бериб, жилмайди:
— Мени бўри ермиди... — Бу жавоб Кесакполвонни қониқтирмай, энсасини қотирди, шу сабабли Асадбек Манзурага айтган гапини қайтарди: — Келинлик уйда тепадан бақрайиб туришлари менга ёқмаяпти. Сен билан мени Худо асрайман, деса шу пойлоқчиларсиз ҳам асрайди. Худонинг жонига теккан бўлсак, атрофимизни икки минг қўриқчи билан ўрасак ҳам азроил жонимизни суғуриб олаверади.
— Худонинг жонига тегмаслик учун одам ўзини эҳтиёт қилиши керак, — тилига келиб қолган бу фалсафасидан Кесакполвоннинг ўзи ҳам мамнун бўлиб бошини ғоз кўтарганича айвонга чиқди-да, гапини давом этди: — Бу баҳонанг ўтмайди ошна, кўчангга битта уйча қурдириб пойлатаман. Дод десанг ҳам, фарёд десанг ҳам шу, ошнажон. Илдизимиз битталигини унутаётганга ўхшайсан. Билиб қўй: сенинг тинчлигинг — менинг тинчлигим, сенинг обрўйинг — менинг обрўйим.

Жалил айвон зинасидан кўтарилаётгани учун Кесакполвон гапини тугатиб, унга жилмайиб қаради:
— Акахон, қайнонаси суйган одамсиз-да, сал вақтлироқ келганингизда биллалашиб қаймоқхўрлик қилардик. — Кесакполвон шундай деб Жалилга қўл узатди. Жалил нохушлик билан кўриша туриб:
— Сен билан бир-икки марта ҳамтовоқ бўлувдимми? — деб тўнғиллаб қўйди.
— Формадасиз акам, формадасиз, битта чақиб олмасангиз кўнгил тинчимайди, а? — деди Кесакполвон ўзини ҳушчақчақ тутишга интилиб, кейин Асадбекка ўгирилди: — бўлди, кузатма, шу ерда хайрлашамиз.

У кўчага чиқиб кетгунича икковлари ҳам изидан қараб турдилар.
— Уйингда пашшахўрда бўлмасин, девдим-ку, айтмовмидинг? — деди Жалил унинг қораси ўчгач.
— Мен ҳам сенга «бу билан ўчакишма, сассиқ гапларингни йиғиштир», девдим шекилли? — Асадбек ўртоғининг танбеҳига танбеҳ билан жавоб бериб, уни ичкарига бошлади. Жалилнинг дастурхон устидаги пулга қараб қўйганини сезиб тахламни олиб кўрпача остига қўйди.
— Тинчликми ўзи, нега сенинг обрўйинг унинг обрўйи бўлиб қолди? — деди Жалил тўрга чиқиб жойлашгач. Асадбек жавоб ўрнига «қўявер уни», дегандай жилмайиб қўя қолди. Манзура кириб дастурхон устини саришта қилиб чиқиб кетгач, Жалилнинг донолиги тутиб гап бошлади:
— Битта шаҳарда иккита имом-домла бўлган экан Ит билан мушук муроса қилса қиларканки, булар иттифоқ бўла олишмас эканлар. Улардан биттаси сенга ўхшаган маржавоз экан. Ўшаниси бир кеч ўйнаши билан қўлга тушиб, зиндонга солинибди. Бундан хабар топган иккинчи имом-домла унинг хотинига бориб воқеани тушунтирибди. Оҳ-воҳ қилган хотинни тинчитиб, зиндонга бошлаб келибди. Зиндонбоннинг жиғилдонини мойлаб, овқат бериш баҳонасида хотинни эрининг ёнига киритибди, ўйнаш эса хотиннинг чодирига ўралиб зиндондан чиқибди. Эртасига эрталаб маржабоз имомни қозининг олдига олиб келишибди. Қози уни тошбўрон қилишга ҳукм қиламан, деб турганида иккинчи имом «Қози почча, одам ўз шаръий хотини билан қўшилса ҳам зино ҳисобланадими, шунга жазо ўлимми?» дебди. Қози хотинни чақиртириб қарасаки, имомнинг гапи тўғри. У миршабларни сўкиб, уришибди, маржабозни эса озод қилибди. Шунда маржабоз халоскоридан:
— Мени кўрарга кўзинг йўқ эди, нега қутқардинг? Ўлиб кетсам ўзингга яхши эмасмиди? — деб сўрабди.

Ўшанда халоскори:
— Сен ҳам имомсан, мен ҳам. Агар сенинг бузуқлигинг исботини топса, одамлар орасида «имомларнинг ҳаммаси ҳам шунақа», деган тушунча тарқалади. Мен сенинг ҳаётингни эмас, ўзимнинг обрўйимни сақлаб қолдим, — деган экан. Шунга ўхшаб кессагинг обрўйини сенга юклаяптими?
— Бе, унда обрў деган нарса борми ўзи?
— Бўпти, тилимни қичитма, қўй ўша сўхтаси совуғингни. Бўладиган гапингни гапир, нега чақиртирдинг, тушингга кирдимми?
— Тушимга кирсанг қўрққанимдан лабларимга учуқ тошарди. Ака бўлиб ўзинг маслаҳатга келмасанг, чақиртираман-да. Менинг тўйимга ким бош бўлиши керак?
—Ҳали мен тўйбошиманми? Тузук, одам қаторига қўшилиб қолибман-да, а? Тур, хотинингни чақир.
— Аввал ўзимиз маслаҳатни пишириб олайлик.
— Маслаҳатни Манзура билан бирга пиширамиз. Сен иккита ўғил туғдириб қўйдим, деб бойвачча бўлиб керилиб юргансан. Ўғилларингни Манзура одам қилди. Мана энди тўй унинг кўнглига қараб бўлади. Чақир. Гапимга кўнмасанг, ана, кессагингни тўйбоши қилиб тайинлагину ўшанинг билан маслаҳатни пиширавер.
— Оббо... чумак ари ҳам сенчалик жиззиллатмай-ди,— Асадбек шундай деб тобелик билан ўрнидан турди. Ўтирган ерида «Онаси!» деб бақириб чақирмай ўрнидан турганини кўрган Жалил «суяк-суягига қадаладиган қилиб гапирибман-да», деб ўзидан ўзи қувонди.

Маслаҳат деганлари унча чўзилмади. Жалил Манзурага «Тўй сен истаганча бўлади», деган эди, у «адамиз нима десалар шу», деди-ю, ваколатини эрига опа-осонгина топшириб қўя қолди. Шундан кейин тўйнинг қай тартибда ўтиши лозимлигини Жалил эринмай баён қилди, Асадбек эса сиқилмай, сабр билан тинглади. Жалилнинг маслаҳатлари ўзининг қаричига мос эди. Унинг насиҳати қариндошлари-ю, ёр-дўстлари йиғилганда саноғи юзтадан ошмайдиган хонадонга тўғри келарди. Асадбекнинг ўттиз, нари борса қирқ кило гуруч дамлаб, элга ош тортиш, тўйни катта ресторанларда эмас, шу ҳовлида ўтқазиши лозимлиги кулгили ҳол бўлса-да, Асадбек кулмади, ошнасидан ранжимади ҳам. Насиҳатлар поёнига етгач, тўй куни белгиланди.

Маслаҳат мажлиси «насиҳатларни тинглайвергин-у, билганингдан қолма» деган яширин шиор остида ўтди. «Ошнамга анча насиҳат қилдим, у қулоғига олди», деган тўхтамга келган Жалил эса уйига мамнун қайтди.

XVI боб

1

Бировлар тақдир ёзуғига ишонишади. Бошқа бировлар эса «Бўлмаган гап!» деб қўл силтаб қўйишади. Кимдир тақдиридан нолийди, яна кимдир тобора бойиб боришини тақдирдан деб билади, «пешонага ёзилган экан, то ўлгунимча шундай фароғатда яшайман», деб ишонади. Булардан ташқари яна шундай тоифа борки, шоир: «Ё Раб, лойимни-ку қорган ўзингсан, ўриш-арқоғимни ўрган ўзингсан, ёмонманми-яхши, мен қандоқ қилай, тақдир манглайини берган ўзингсан», деб айтганидай барча гуноҳларини, ёмонликларини, зулмларини, фасодларини тақдирга тўнкаб қўя қолади.

Эрон гиламлари билан безатилган кенг хонада сигарет тутатиб, навбатдаги зулм режасини тузиб ўтирган уч киши ана шу тоифадан ҳисобланади.

Булар ўзларига ўхшаш минглаб, балки ундан-да кўп инсон болалари каби билмайдиларки, тақдир ёзуғидаги туғилмоқ ва ўлмоққа доир муаммоларни инсон ҳал этмоққа қодир эмас, аммо ҳалол ёки ҳаром яшамоқ унинг измидадир. Яратган туғилмиш инсон боласининг тақдирида икки йўлни белгилаб берди: бири — Раҳмон, яна бири шайтон йўли. Бу икки йўлни бир-биридан фарқламоқ учун унга зеҳн, ақл, идрок, фаҳм-фаросат каби фазилатлар ҳам берди. Айни чоқда ҳар иккала йўлнинг охири нималардан иборат эканини ҳам маълум қилиб қўйди. Одам боласининг тақдирига фақат бузуқлик, фақат золимлик, фақат ва фақат фосиқлик ёзиб қўйилса-да, шафқат, меҳр-мурувват, умуман яхшилик кўчалари эса тамоман беркитилиб ташланиши мумкинми? У ҳолда банда маҳшар куни ҳисоб-ки тоб қилинаётганда «менга тўғрилик йўлини танлаш имконияти берилмаганди, шайтон йўлидан юрмакдан ўзга чорам йўқ эди», деса-чи?

Эрон гиламлари билан безатилган кенг хонада сигарет тутатиб, навбатдаги зулм режасини тузиб ўтирган бу уч кишининг шундай демоғи тайин. Тўғри, улар ҳозир, эртага, ундан кейин ҳам — то жонлари чиққунига қадар маҳшар кунида ҳисоб бермоқликлари шарт эканини ўйламайдилар, унга тайёргарлик ҳам кўрмайдилар.

Бу уч одамни айни дамда бир мақсад қовуштириб турган бўлса-да, учави уч олам эди. Тўплаган бойликлари умрларининг охирига қадар етиб-ортгани каби тўплаган гуноҳлари ҳам дўзах ўтида абадий куймоқ учун етиб ортади. Иблис уларнинг тақдир ипларини бир-бирига тугиб, шу хонада учраштирди.

Бир бузуқ аёл фахш йўлидан қайтмоққа ният қилибди. Аммо нафс қурғурнинг «Сўнгги марта сафарга чиқиб, айшингни суриб қол, тавбангни кейинроқ қилаверасан», деган маслаҳатига кириб денгиз саёҳатига чиқибди. Иттифоқо, кема фалокатга учраб, чўка бошлабди. Шунда фоҳиша тавба қилиб дебдики: «Эй Худойим, тўғри, гуноҳим кўп, лекин битта мени жазолайман, деб шунча одамни сувга чўктирасанми?» Унинг нолаларига жавобан: «Эй гуноҳкор банда, сен «булар менинг касримга қолишди», деб куйинма, бу кемага худди сенга ўхшаганлар тўпланган», деган овоз келган экан...

Бу уч одам ҳам шундай. Уларнинг ҳаёт кемалари аллақачон фалокатга учраб чўка бошлаган, аммо ғофиллар сезмайдилар. Фоҳишага-ку, инсоф кириб, тавба қилибди, аммо буларнинг қотган тилларига тавба калимаси ўлимдан бўса олгунларига қадар келмас...

Уч одамнинг бири — Кесакполвон. У Асадбекникидан чиқиб, машинасини қозихона томон бурди. (Қозини кўриб Асадбек ғашланмасин, деган фикрда уни чойхонада қолдириб, машинани ўзи ҳайдаб келган эди.)

Қозининг ичкарида эмас, чойхонанинг панжарали дарвозаси ёнида туриши Кесакполвонни сергаклантирди. «Бир гап бўлганов» деган фикрда машинадан тушмай ўтираверди. Қози илдам яқинлашиб, «Нима гап?» деган саволни кутмай ҳисоб берди:
— Селим деган одамдан хабар келди. Масковлик меҳмон билан кутишаётганмиш.
— Масковлик? — «Хонгиреймикин?» — Кесакполвон хаёлига келган гумонини ҳақиқатга айланишини истаб: — Ким экан? — деб сўради.
— Отини айтмади.
— Отини айтмади, деб оғзингга пашша қўндириб ўтиравер, — Кесакполвон сўкиниб, қози узатган бир парча қоғозга кўз ташлади. Қоғоз парчасига қинғир-қийшиқ харфлар билан бир уйнинг манзили ёзилган эди. «Меҳмонхонада турибман, девди, буниси қанақа уй бўлди?» Кесакполвон шу хаёл билан эшикни ёпмоқчи бўлганида Қози хушхабар айтди:
— Болалар дўхтирни топишибди. Сиз айтгандай тухум босиб ўтирган экан, тухумини қуритиб қўя қолишибди. Хумкалла билан ачом-ачом қилиб ётишибди. Кеча кечқурун ахлатхонадаги итларнинг базми бўлган,— Қози шундай деб суюнчи илинжида тиржайиб қўйди. Кесакполвон бир нафас ўйланди-да, бош чайқади:
— Бекор ўлдирибсанлар, бизга халақит бермас эди.

Қози «ўзингиз буюрган эдингиз», демади. Юзидаги совуқ кулги йўқолиб, «айбдорман» дегандай бўйнини қисди.

Кесакполвон қоғоз парчасига ёзилган манзилдаги уйни қийналмай топди. Ташқи кўриниши диққатни тортмайдиган бу уйда ким яшашини ўзича тахмин қилиб «Селимнинг шотири турса керак», деган тўхтамга келди. Ичкаридаги ҳашамни кўргач эса фикридан қайт-ди. У манзилга етиб келгунича ҳам «Меҳмон — Хонгирейдир», деган умидда эди. Назарида Хонгирейнинг келуви унинг обрў-мартабасини анча юқори кўтариб қўюви мумкин эди.

Ҳатто Кесакполвоннинг хушини ўғирлайдиган тарз-да шоҳона безатилган кенг хонада Селим билан Маматбей қаҳва ичиб ўтиришарди. Кутгани, умид қилгани Хонгирей ўрнига Маматбейни кўрган Кесакполвоннинг хафсаласи пир бўлди.
— Ў-ў, жан қардаш, йўлларингга кўз тикиб, кўзларимиз тўрт эмас, тўрт юз бўлмиш. Омонмисан, қардош, қайларда юрибсан?
— Бек билан чойхўрлик қилувдик, — деди Кесакполвон гапни айлантирмай.
— Асадбек биланми? — деб ажабланди Селим.
— Мен битта бекни биламан,— деди Кесакполвон.
— Оҳ, гўзал, ғоят гўзал, — деди Маматбей кулимсираб. — Бекнинг аҳвол-руҳияси нечукдир? Ўғли соғ-ми?
— Ҳаммаси соппа-соғ, — Кесакполвон Маматбейнинг бу саволидан ажабланса-да, «Нега ўғилнинг соғ-лиғи билан қизиқиб қолдинг?» деб сўрамади.
— Асадбек билан узилишиб кетмадиларингми? — деб сўради Селим.
— Нега узилишамиз? Ҳамма иш оппа-осон ҳал бўлди. Хонгирей ошни яхши пишириб юборган экан. Бекнинг ўзи сузиб берди. — Селимнинг хўжаларча саволга тутиши ёқмагани туфайли Кесакполвон Маматбейга қараб гапирди. Асадбек билан бўлган савдонинг баёнини эшитган Маматбей айёрона кулимсиради.
— Сенинг ўқ илонни унутмоғинг мутлақ лозим эмас, — деди у. — Бек сендан ҳам мендан ҳам айёр. Унинг жон бермоғи мушкул.
— Айёрликка айёр, — деди Кесакполвон, — у мени аҳмоқ қиламан, деб пойлоқчиларига жавоб бериб юборибди. Мен эсам унинг рўпарасидаги уйни сотиб олиб, пойлоқчи қўяман. У шохида юрса, мен баргида юраман. Ошиқ тепиб, ютқизиб, мишиғини оқизиб юрганида уни мен одам қилганман. Бу ёғидан хотиржам бўлаверинг.
— Хонгирейнинг сенга муҳаббати жуда юксакдир. Борлиқ юмушларингни шунга яраша қилавер, — деди Маматбей унга сигарет узатиб. Селим эса ёққични ёқиб тутди. Бу марҳаматдан ийиган Кесакполвон оромкурсига ястанди. Унинг бу қилиғи Маматбейга малол келиб, Селим билан кўз уриштириб олди.
— Бугун сени анча қидирдик. Бундан бу ёғига қаердалигингни аниқ билиб туришимиз керак. Бизнинг ишимизда бир дақиқа ҳам жонингни ё нари, ё бери қилиб қўйиши мумкин.

Бу танбеҳ Кесакполвоннинг қонини қайнатди.

Асадбек баъзан оғир гап қилганида у жириллаб берарди, хожаси бунга жавобан яна заҳрини сочар ёки индамай қўя қоларди, унинг эркалигини кўтарарди. Кечагина Ҳосилбойваччани кўрганида думини қисиб юрувчи, энди эса Хонгирейдан ваколат олиб ўзини хўжайин ҳисоблаётган Селим ҳам, Хонгирей номидан иш кўрувчи Маматбей ҳам унинг эркалигини кўтармаслиги аниқ. «Иккови ҳам микрофонга ёпишиб чиранувчи овози йўқ ашулачига ўхшайди. Микрофонини тортиб олсанг, бу ашулачининг баҳоси сариқ чақа. Буларнинг қўлидаги кўзир Хонгирей. Эртага кўзирдан ажралишса микрофонсиз ашулачининг ўзи бўла қолишади. Бу харомилар билан ўшанда гаплашаман.» — Кесакполвон шу қарорга келиб, тобелик либосида «хўп» деди.
— Хонгирей бизга муҳим топшириқ берди. Красноярдаги харидорларимизнинг иштаҳалари яхши. Лекин уларнинг сўраган нарсаларини дарров юбориб бўлмайди. Аввал озроғини юбориш керак. Курерликка ярайдиган ишончли одам борми?

Кесакполвон ўйлаб ўтирмай «бор» деб жавоб берди. Булар учун энг ишончли одам унинг назарида Жамшид эди. Булар балки Жамшидни ўзларича белгилаб қўйиб, синаш мақсадида сўрашаётгандир? Агар шундай бўлса, Жамшиднинг ёлғиз ўзини юбормайди, Қозини ёки бошқасини ёнига қўшади. Кесакполвон шу тўхтамга келиб турганида Селим «Одам ишончли бўлсин, лекин йўқотсанг, ачинмагин», деб фикрини бузиб юборди.
— Англадингми, қардош? — деб сўради Маматбей.
— Ишнинг хатари бор, — деди Селим Кесакполвоннинг жавобини кутмай. — Лекин оқиб келадиган фойда битта-иккита одамнинг жонига арзийди. Бугун кеч ўнда одаминг Красноярга учиши керак. Мол анавинда, — Селим шундай деб эшик ёнидаги янги жигарранг дипломатни имлаб кўрсатди. — Қулфини очишни харидорнинг ўзи билади. Одаминг эрталаб харидорга телефон қилади. «Бир соатда етиб бораман», дейди. Лекин бир соатда ҳам, ўн соатда ҳам бормайди. Эртасига телефон қилиб, ана ундан кейин боради, — Селим ён чўнтагидан сурат чиқариб, Кесакполвонга узатди, — Харидор шу одам. Турадиган жойи, исми, телефони орқасига ёзилган.

Кесакполвон бир суратга, бир Селимга қараб, ажабланди:
— Козлов-ку? — деди таажжубини яширмай.
— Ҳа, Козлов, — деди Селим хотиржам равишда.
— Бунинг изи йўқолган, деб эшитувдим, — деди Кесакполвон Маматбейга қараб.
— Биз из йўқотмаймиз, биз изни қуритмагимиз мумкин, — деди Маматбей. — Козлов Хонгирей ҳузурига бош эгиб борди. У энди Красноярда бизларга хизмат этажак, англадингми?

Кесакполвон бу режа асосида бир шумлик ётганини сезиб, «тушундим», деб гапни калта қила қолди. «Козлов бош эгиб борса Асад биларди. Ё у хабарсиз қолдими? Ё билса ҳам менга айтмадими? Ахир бизнинг Козловда анчагина оларимиз бор-ку?» Кесакполвон бу муаммога жавоб топмай туриб, Маматбей:
— Қардашинг бугун учмаги лозимдур, — деб таъкидлади. Бу билан у боражак курернинг кимлигини ҳозир билишни истаётганини маълум қилди.
— Унинг кўп нарсани билиши шарт эмас. Бунинг ичида нима борлигини айтма. Омонатни Козловга етказиши шартлигини билса кифоя.

Шу онда, Кесакполвон учун кутилмаган тарзда хаё-лига бир фикр келди-ю, бундан ўзи ҳам қувониб кетди. «Хитларнинг одами» деб гумон қилинаётган Ҳалимжонни синаб олиш учун айни вазият етилганини англаб, унинг номини тилга олди-да, озгина таъриф ҳам берди.

Маслаҳат пишгач, Кесакполвонга, ижозат берилди. У хўжаларидан топшириқ олгани келган малай ҳолида ўрнидан турди. Селим уни хона эшигига қадар кузатиб, дипломатни қўлига тутди. Нари борса тўрт-беш килодан ошмайдиган дипломат Кесакполвон учун ғоят оғир туюлди. Маматбейнинг кам гапириб, кузатиб ўтириш, асосий топшириқни Селим айтиши, ниҳоят, юкни тутқазиши «Бу ерда мен хўжайинман, сен эса дастёримсан», деган ишора эди. Кесакполвоннинг Селим билан биринчи учрашувидаги хавотири амалга ошди — у беклик тожини киймай, югурдаклик чориғига муносиб кўрилганини англади-ю, ўзининг пешонасига қарсиллатиб ургиси келди.

Кўчага чиққач, ўзича бир кашфиёт қилди: «Асад шунинг учун ҳам Хонгирей билан ишлагиси келмай, мени рўпара қилибди-да...»

2

Красноярга учажагини Ҳалимжон ҳавоаланига келганда билди. У Кесакполвон билан йўлга чиққанида «Янги хўжайинни кузатаман шекилли», — деб ўйлаган эди. Чувриндининг ўлимидан сўнг икки ошна муносабатларини кузатиб, ораларида жарлик пайдо бўлаётганини сезган, Асадбекнинг идорага кам бориши, ишларга аралашмай қўйишидан амал курсиси Кесакполвонга ўтганини тахмин қилиб, бундан керакли жойни бохабар этган эди. Шу тахминига асосланиб Кесакполвонни ўзича «янги хўжайин», деб атаётганди.

Қўлига дипломат билан сурат тутқазилиб, вазифа топширилгач, нима дейишини, нима қилишни билмай гарангсиб қолди.
— Ҳа, нимага довдираяпсан? — деб сўради Кесакполвон.
— Уйга айтмай кетавераманми? — деди Ҳалимжон.
— Ўзим айтиб қўяман. Сен бола ўзингни тарозига солма. Бизда «уйим-пуйим» деган гап бўлмаслигини ҳали ҳам билмайсанми? Эсингдан чиққан бўлса иккала қулоғингга қуйиб ол: бизда «нега?» деб сўралмайди. Биз «хўп» дейдиганларни яхши кўрамиз. Сени иккита жонга қарз қилиб қўйганмиз, а?

Буниси Ҳалимжон учун янгилик бўлди:
— Иккита жон дейсизми?
— Балки учтадир... — деди Кесакполвон ён томонига қараб чирт этиб тупуриб. — Манқангни оқизиб келганингни унутдингми? Биз қутқармаганимизда ғилай қонингни ичармиди, жонингни Ҳосил табаррук қилиб берганидан кейин қўлма-қўл бўлиб кетармиди? Агар хотининг ҳозир иккиқат бўлса, учинчи жон ўша-да.

Ҳали туғилмаган гўдакнинг жонини ҳам гаровга осонгина, ҳудди оддий гапни айтаётгандек тиркаб қўйиши Ҳалимжонни сескантириб юборди. «Учта жоннинг тақдири шуни эгасига етиб боришига боғлиқми?» дегандай кўзини Кесакполвондан олиб қочиб, қўлидаги дипломатга қаради.

Паттани белгилатиш учун юришган дамда қошу кўзларига қадар малла бир йигит худди қадрдонларини учратиб қолгандай кулимсираб келиб улар билан кўришди.
— Ҳайдарбек ака, омадни қаранг, бу ошнам билан бирга учарканмиз, — деганидан сўнг Кесакполвон унинг ким томонидан юборилганини англади. Ҳалимжоннинг «Ким бу?» деган маънодаги қарашига жавоб бермади. «Керак бўлса йўлда танишиб оларсанлар», дегандай у билан кўз уриштириб олди. Ҳалимжон ёлғиз эмаслигини, керакли жойга хабар қилиб қўйиш имкони янада оғирлашганини билиб, ғашланди.

Учоққа чиқиб ўтиришгач, малла ўзини «Сафтер» деб таништирди-да:
— Сизга ҳам айтишгандир, биз бир-бировимиз билан кўринмас занжир ила боғланганмиз. Овқатни ҳам бирга еймиз, сартирга ҳам бирга борамиз. Сиз бун- га, — Сафтер Ҳалимжоннинг тиззасидаги дипломатга шапатилаб қўйди, — жавоб берасиз, мен сизнинг эсон-омон қайтиб боришингизга.
— Гап йўқ, кемага чиққаннинг жони бир, — деди Ҳалимжон тақдирга тан бериб.

Аввалига «дипломат ичи пул билан тўладир», деб ўйлаган эди. Лекин унинг енгиллиги, эҳтиёт чорасининг эса ғоят кучлилиги «қорадори» деган тўхтамга олиб келди. «Атрофидаги содиқ йигитларига топширмай, нега менга юклади?» деган муаммони эса Козловнинг уйини қидириб боргач, ечди.

Сафтер вазифасини яширмай, тўғрисини айтган эди. Ҳалимжон учувчилар хонасига кириб, икки оғиз гап айтиб чиқиш эвини ҳам қилолмади. Красноярга етиб боришгач эса Сафтер адашиб қолишдан қўрқиб онасининг этагидан ушлаб олган боладай қарийб изма-из юрди. Вазифада белгилангандай биринчи куни Ҳалимжон харидор билан боғланиб, иккинчи куни борди. Ўн икки қаватли уйнинг саккизинчи қаватига чиқишгандагина Сафтер ундан узилди. Ҳалимжон қўнғироқ тугмасини босганида «Мен еттинчи қаватда лифтни ушлаб тураман. Бир ишкал бўлса ўзингни шу ёққа қараб отавер», деб зина томон юрди.

Эшикни кекса бир аёл очиб «Кираверинг, ўғлим ваннада, ҳозир чиқади», деб Ҳалимжонни ичкарига таклиф қилди. Ҳалимжон остона ҳатлаб ўтиши билан эшик қарсиллаб ёпилиб, шу оннинг ўзида гапрданига тўппончанинг совуқ оғзи тиралди-да «қимирлама!» деган қатъий буйруқ янгради. Рўпарасида тўппонча ўқталган икки йигит кўрингач, «дипломатни аста қўйиб, қўлингни орқага қил», деган буйруқ берилди. Итоаткорлик билан буйруқ бажарилиши ҳамоноқ Ҳалимжоннинг билакларига кишан солинди. Шундан кейин йигитлар чекинишиб, милитсия полковниги кийимидаги ўрта яшар киши кўринди. У қўлларини орқасига қилганича аста юриб келиб Ҳалимжоннинг рўпарасида тўхтади-да, гўё унинг юзларига нималардир ёзиб қўйилган-у, шу ёзувларни ўқиётгандай обдон тикилди.

Гарданига тўппонча тиралганида «тузоққа илинганига» ишонган Ҳалимжон полковникни кўргач «Ҳайрият, ўзимизники экан», деб енгил нафас олди. Унинг тикилишида ёмонлик кўрмай ўзини енгил тутди. Лекин кутилмаганда қорнидан мушт еб букчайди. Кейин гарданига тушган тўппонча дастасининг зарбидан ҳушини йўқотди.

Хушига келганида ўзини кенг хонада кўрди. Уни дераза остидаги қовурғасимон пўлат иситгичга суяб қўйишган эди. Ўртадаги стол устида дипломат турибди. Полковник тўрга ўтириб олган, ёнида эса эшикни очган кампир билан яна бир ёшроқ жувон туришарди.
— Ана, ботир жаноблари ўзларига келдилар, — деди полковник пичинг билан. Сўнг ёнидагиларга қараб олгач, гапини давом эттирди: — Лейтенант, гувоҳлар ҳузурида ёзиб қўйинг: қўлга олиш пайтида қаршилик кўрсатди, қочмоқчи бўлди. Шунақа, а? — аёллар полковникнинг бу саволига жавобан ишончсиз равишда бош ирғаб қўйишди. — Ана энди қулфнинг рақамларини айт, жаноб Козловга қандай совға олиб келганингни кўрайлик.
— Мен билмайман, — деди Ҳалимжон. — Козловнинг ўзи биларкан.
— Козлов биларканми? Қани ўша Козел? Сен Козлов билан охирги марта қачон ва қаерда учрашган эдинг?
— Мен уни танимайман, бугун телефонда гаплашган эдим.
— Довдирама, кеча ҳам гаплашувдинг. Келишга ваъда берувдинг, а? Нега келмадинг? Биз сени кутдик. Айт, нега келмадинг?

«Топшириқ шунақа эди», деса гап чувалашиб кетишини билган Ҳалимжон «Йўлда чарчаган эканман, иккита пиво ичиб ухлаб қолибман», дея қўя қолди. Полковникнинг ишораси билан хонадаги йигитлардан бири дипломатнинг рақамли қулфини бир-икки бураган бўлди-да, осонгина очди. «Ўзимни танитсаммикин?» деб иккиланиб турган Ҳалимжон бу тезкорликдан ажабланиб, тилини тийди. Булар чинакамига милитсия ходимларими ё кийимини кийиб олиб найранг қилиш-яптими — буни аниқ билмай туриб ўзини фош қилиши мумкин эмасди. Булар ҳақиқий милитсия ходимлари бўлсалар ҳам бирон бир тўда билан боғланмаган деб айтиш мумкинми? Ҳарҳолда буларни бу ерда тасодифан учратмади. Малла Сафтер ҳам бекорга ўзини олиб қочмади. Булар кимлар? Мақсадлари нима?

Гарданидаги оғриқдан азобланаётган Ҳалимжон бу саволларга жавоб топишга ожиз эди.

Дипломат ичи ғижимланиб ташланган газета парчалари билан тўла эди.
— Бу ботир йигит шаҳримизга газета олиб келибди. Нима, сен почтачимисан? — Полковник Ҳалимжонга шундай савол бериб, дипломатни очган йигитга буюрди: — Яхшилаб қара, наҳот фақат газета олиб келган бўлса?

Ғижимланган газеталар стол устига сочилгач, ихчам китоб ҳажмидаги ўрам кўринди. Полковник буюрмаса ҳам йигит ўрамни очди.
— Бу нима, биласизларми? — деб сўради полковник аёллардан. — Ҳа, билмайсиз. — Бу — қорадори! Мана шу кўриб турганларингиз камида юзта йигитни тил торттирмай ўлдиради. Ёки ногирон қилиб қўяди. Ҳа, бу ботир йигит почтачи эмас экан, янглишибмиз. Бунинг мансабини «наркокурер» дейишади. Юзта йигитнинг жони эвазига бу жаноб мана бундақа дипломатдан иккитасини пулга тўлатиб олиб кетиши керак эди. Пулни эса муҳтарам қўшниларингиз Козлов жаноби олийлари тўлашлари шарт бўлган.

Дастлаб Ҳалимжонга ачиниш билан қараган аёлларнинг кўзларида энди нафрат зоҳир бўлди. Полковник буни сезмагандай Ҳалимжонни сўроққа тутди:
— Тўғри айтяпманми, қанчага келишган эдиларинг?
— Менинг вазифам фақат мана шуни бериш эди.
— Ҳа, албатта, сен дипломат ичида нима борлигини билмагансан, а? Наркокурерларнинг ҳаммаси шунақа лақма бўлишади. Молнинг ҳаммаси шуми?
— Мен мол ҳақида ҳеч нима билмайман.
— Лейтенант, бошқарма билан боғланинг, қўшимча куч юборишсин. Меҳмонхонани босамиз. Мен сезиб турибман. Мен катта овни ҳамиша олдиндан сезаман. Хонимлар, сизлар ҳам биз билан бирга борасиз. Рад этишга ҳаққингиз йўқ. Мен хавфсизликларингизни тўла таъминлайман.

Полковник шундай деб ўрнидан турди. Бу орада сураткаш ҳам ишини битиргач, Ҳалимжонни судрагудай қилиб ташқарига олиб чиқишди.

Меҳмонхонада, Ҳалимжон эгаллаган каравотнинг бош томонидаги жавонча ичида бир хил ҳажмдаги, бир хил рангдаги яна иккита дипломат турарди. Улар очилганда бири пул, иккинчиси қорадори билан тўлдирилгани маълум бўлди.

Лейтенант енгил-элпи тарзда баённома ёзгач, аёлларга имзо чекдирилди-ю, «катта овни олдиндан сезиш қобилиятига эга» полковник амри билан қамоқхона сари юрилди.

Ҳалимжон бундай ҳолатдаги одамнинг ҳақ-ҳуқуқларини яхши билса ҳам, масала талашмади. Икки кунгача уни терговга чақиришмади. Кейин эса номи тергов деб аталган, аслида қийноқдан иборат жараён бошланди. Поябзалини ечиб қўйиб товонига резина таёқ билан ҳар уришганда жони миясидан чиқиб кетай дерди. Аммо «Биродар, мен ҳам ўзингизданман, ишонмасангиз қўнғироқ қилинг», дейишдан ўзини тиярди. Буларнинг жиноят олами билан алоқаси борлигига шубҳаси йўқлиги учун ҳам ўзини танитмади. У ёқдаги ишларнинг остин-устин бўлиб кетишидан хавотирлангани сабабли эмас, балки жони кўзига кўринаётгани учун ўзининг кимлигини фош қилолмасди. Агар махсус топшириқ билан жиноятчи тўдага кириб ишлаганини билиб қолишса, бу азамат ҳамкасблари товонига уриб, лаззатланиб ўтиришмайди. «Чойшабни йиртиб, ўзини осибди», деган хулосани ёзиб, «йирик наркокурер»нинг «Иш»ини ёпиб қўя қолишади.

3

Манзура «куёвингизни бир марта ҳам бориб кўрмадингиз-а», деб хархаша қилаверганидан кейин Асадбек касалхонага отланди. Аввалига ўлимини истаган, сўнг раҳми келиб олиб қолган одамни йўқлашни ўзи учун паст кетиш деб ҳисоблаётган Асадбек касалхона дарвозасига етмаёқ изига қайтгиси келди. Гарчи «шу одам яшасин», деб марҳамат қилган бўлса-да, куёвининг гуноҳини ҳали кечмаган эди. Суюкли қизи Зайнабнинг қора кунлари учун Элчинни кечириш мумкин ҳам эмасди. У тақдирнинг қора ўйинлари билан муроса қилишга мажбур эди. Орада қизининг тақдири бор экан, ҳар қандай аблаҳнинг малъунликларига чидашдан ўзга чораси ҳам йўқ эди.

Ҳамшира билак томирини тополмай игна санчавериб Элчиннинг тинкасини қуритган дамда Асадбек боштабиб кузатувида кириб келди. Ҳамшира уларни кўриб, ишини чала ташлаганича чиқди.

Қайнота билан куёвнинг кўзлари тўқнашди.
— Билиб туриб атай қилдингиз-а? — деди Элчиннинг кўзлари. — Бунчалик маккорлигингизни ҳисобга олмаган эканман. Бир қўлингиз билан бошимни силаб, иккинчиси билан жонимни суғуриб олмоқчи бўлдингиз-а?!
— Сен бола бундан баттар азобларга лойиқсан, — деди Асадбекнинг кўзлари. — Мен умр бўйи азоб тортгин, деб сени ўлимдан сақлаб қолдим. Сен менинг юрагимни тилиб, туз сепгансан. Бу яра ўлгунимча мени азоблайди. Сен ҳам ўлгунингча қақшайсан. Шунда ҳисоб-китобимиз тўғри бўлади...

Кўзларининг суҳбати тилга кўчмади. Боштабиб ҳузурида бундай тикилиб туравериш ноқулай бўлгани учун Асадбек:
— Қалайсиз ҳофиз, опоқмисиз? — деди. У меҳрибон ота каби ҳол сўрамоқчи эди, аммо меҳрдан маҳрум дилдан тилга ширин сўз чиқмас экан.

Элчин лабларини беҳол қимирлатиб «раҳмат» дегандай бўлди. Қайнота билан куёвнинг суҳбати асосан шу билан чекланди. Буларнинг ўрнига боштабиб гапириб «Элчинбекнинг аҳвол-руҳияси яхши томонга ўзгараётганини» таърифлаб кетди. Ҳатто табобат тарихидан озгина гапириб ўтди. Бир-бирига унсиз равишда тикилиб тургандан кўра бу одамнинг сайрашини маъқул деб билган Асадбек луқма ҳам ташламади, гапини кесиб ҳам қўймади. Элчин ҳориган тарзда кўзларини юмгач, Асадбек ўрнидан турди.

Қайтишда шаҳар марказидаги уч қаватли иморат ертўласига жойлашган, «видеобар» ниқобидаги идорасига кирди. Даҳлизда Бўтқа билан Жамшид телевизор кўриб ўтиришган эди. Эшикка орқа қилиб ўтиришгани учун икковлари ҳам Бек акаларининг кириб келганини сезишмади. Асадбек:
— Биров келиб дастмояларингни кесиб кетса ҳам билмайсанлар-а! — деб бақириб бергач, бараварига сапчиб турдилар. — Бўтқа, бу ер идорами, ё амма-холангнинг тавонхонасими?!

Ўзини оқлашга уриниш, кечирим сўрашнинг фойдасизлигини билган Бўтқа «Бек ака...» деганича бошини эгиб тураверди.

Асадбек хонасининг эшигини очиб, орқасига қарамай «Жамшид» деб чақирди-да, ичкари кирди.

Чувриндинининг ўлими, Кесакполвоннинг хиёнатидан сўнг Жамшид Асадбекнинг энг яқин одами мартабасига кўтарилган бўлса-да, хожасининг ёнида ўтириш у ёқда турсин, ўзини эркин тутишга кўника олмаётган эди. Ҳозир ҳам Бек акасининг изидан кириб «Буюринг, хизматингизга тайёрман», деган мулозим кўринишида қўл қовуштириб тураверди. Диванга ўтирган Асадбек унга бир қараб қўйди-да, ёнидан жой кўрсатди.
— Ҳалимдан дарак борми? — деб сўради Асадбек, Жамшид ўтиргач.
— Аниқ бир гап йўқ. Қозининг айтишига қараганда Ҳайдар акам билан аеропорт томонга кетишган экан. Суриштириб билсам, у Красноярга учган. Ҳайдар ака кузатиб қўйганлар.
— Красноярга? Ҳайдар аканг кузатибдими? — Асадбек шундай деб ўйланиб қолди: «Хонгирей Козловга тааллуқли бирон иш топширдими». — Халимнинг хитлар билан алоқасини суриштирдингми?
— Суриштирдим. Из бор.
— Акангга ҳам шунақа дедингми?
— Ҳали айтганимча йўқ. Ҳайдар акам гумонсираган бўлсалар барибир тинч қўймайдилар. Яна бир-икки болага «ўлдирасан» деб қўйгандирлар.
— Ҳа, қилади бу ишни. Сен яна суриштир, иш аниқ бўлсин. Ҳалим ўлмаслиги керак. Мен билан кўришиб турганингга аканг ғашланмаяптими?
— Сездирмаяптилар. Лекин олдингидай яқинликлари йўққа ўхшайди. Ҳозир акахоннинг энг яқинлари — Қози.
— Сен Қозидан узоқлашма.

Эшик очилиб, Бўтқа кўринди:
— Бек ака, Петренко деган ўрис сўраяпти. Эрталаб ҳам бир сўровди, — деди.

«Петренко» дейиши билан Асадбек Бўтқага ялт этиб қаради. Петренко — Козловнинг оз одамларгагина маълум бўлган лақаби эди.
— Эрталаб телефон қилган бўлса, нега дарров айтмадинг? — Асадбек шундай деб унга ўқрайиб қаради-да, телефон гўшагини кўтариб, қулоғига тутди: — Мен — Асадбекман, эшитяпман.
— Салом Бек, гапларимни эшитгин-у, савол берма. Яқин кунларда сенга ашхабодлик Дурди «қуён» одам юбориши ё телефон қилиши мумкин. У менга тегишли нарсаларни сўрайди, унга ишонма. Иккаламизга қадрдон одамга ваъдаси бор унинг.
— Биламан, уч кун олдин келиб кетди. У сўраган нарса биз томонларда йўқ.
— Бек, сенга бугун бир одам учрашади. Қолган гапларни ўшандан эшитасан. Хайр.

Асадбек гўшакни жойига қўйиб, «бу ёғи қандоқ бўлди?» дегандай Жамшидга қараб олди.

Асадбек Ашхабодда Дурди «қуён» дегани борлигини эшитган, бироқ ўзини кўрмаган эди. Дурдининг ўсмирлик чоғи ўғирликка борганида шерикларини ташлаб қочгани учун «қуён» лақабини олгани ҳам унга номаълум эди. Унинг тап тортмай, тўғридан тўғри уйга чақириб келиши Асадбекка ёқмади. Илгариги вақти бўлганда Кесакполвонга бир ишора қилиб қўярди, унинг эса «сапчадек бошгинангдан аканг айлансин сенинг, аввал ўзинг кимсану кимга рўпара келмоқчисан, яхшилаб билиб ол. Ашхабоднинг зўри бўлсанг ҳам сендақа элликта Дурди битта Асадбек бўла олмайди. Бор акаси, ашулангни айтиб, келган жойингга қараб кетавер», демоғи аниқ эди.

Асадбек меҳмоннинг ҳурматини қилиб ичкарига таклиф қилди. Дурди «қуён» Козловдан, унинг оиласидан гап очиб, мақсадини ошкор қилди. Яқинда Козловни кўргани, «оиламдан хабар олиб тур», деб ундан илтимос қилганини ҳам айтди.

Асадбек унинг гапларини эшита туриб ўзича «Шу фаросатинг билан Ашхабодда керилиб юрибсанми? Хонгирей сенга ўхшаган аҳмоқларни яхши кўраркан. У ёқда сен, бу ёқда Кессак...» деб қўйди. Дурди «қуён» Асадбекни ишонтирганига шубҳа қилмай «Козловнинг оиласи қаердалигини айтсангиз, хабар олиб кетардим», деди.
— Козлов деган одам билан қариндош-уруғчилигим йўқ, — деди Асадбек, — Озгина олди-берди иш қилганмиз, ҳисоб-китобимиз тўғри бўлиб кетган. Бир йилнинг нари-берисида уни кўрганим йўқ.

Дурди «қуён» яна бир оз гапни айлантириб ўтиргач, кетишга ижозат сўради. Асадбек «ош тайёр эди-я» деб манзират қилмай, дарвозага қадар кузатиб қўйди.

У Дурди «қуён»нинг ташрифи таваккалчилик билан олиб борилаётган қидирувнинг бир кўринишимиди ё ис олишдими, деган саволга жавоб топишга ҳаракат қилди.

Муҳиддин ота Козловнинг оиласини бошлаб келиб Марғилондаги ошнасиникига жойлаштирганини айтган куниёқ Чувринди уларни бехавотир ерга кўчириш ҳақида буйруқ олганди. Асадбек Абдураҳмон табибникига борганда Козловнинг оиласи Олмалиқдаги уч хонали уйга жойлашиб улгурганди. Бу уйни фақат Чувринди-ю, Асадбеккина билишарди. Қўшнилар диққатини тортмаслиги учун, Асадбекнинг таклифига кўра, Козловнинг хотини кимё заводига ишга ҳам кирганди. Ундан Чувриндининг ўзи хабар олиб турарди. Унинг ўлимидан сўнг Асадбек ўзининг ташвишлари билан овора бўлиб, Олмалиққа боролмади. Дурди «қуён» келиб кетгач, боришни режалаштириб турганда Козловнинг ўзи қўнғироқ қилди.

Асадбек бу ерга келаётганида идорада узоқ ўтирмай уйга кетишни ўйлаганди. Козлов томондан одам келишини билгач, кутишга қарор қилиб, Жамшидга рухсат берди. Жамшид остонага етганда уни тўхтатди:
— Сен уйга кириб ўтгин, Ҳамиднинг иситмаси тушса ҳам ланжлиги кўтарилмаяпти. Эркажоновми деган профессорларинг бўларди-ку, ўшанга олиб боргин, бир кўриб қўйсин. Тўйга айтадиган одамларини йўл-йўлакай таклиф қилаверларинг.

Жамшид вазифани олиб, чиқиб кетгач, ёлғизлик дарди қўзғолди. Деворлар худди силжигандай, хона торайгандай туюлиб, Асадбекнинг юраги бехаловат ура бошлади. Чап кўкрагида яраланган қушча потирлагандай бўлди. Ана шу потирлаш асносида гўё юрагидан данакдай парча ажралиб чиқди-ю, бўғзига келганда қадалиб қолди. Асадбек чуқур-чуқур нафас олиб ўрнидан турди-да, Бўтқа ўтирган хонага чиқди. Хожасининг танбеҳидан кейин сергак турган Бўтқа уни қўл қовуштирган тарзда қарши олиб, «чой қайнаб турибди-я, дамлайми?» деб сўради. Асадбек телевизор қаршисидаги оромкурсига чўкиб ўтириб:
— Чойингни қўй, оқидан элликта қуй-чи, — деб буюрди.

Бўтқа бўтқа бўлиб шу даргоҳга келибдики, Асадбек ҳали бирон марта бу хонада ўтирмаган, ўзи «елликта қуй», деб сўрамаган эди. Шу сабабли Бўтқа амрни англамагандай хожасига қаради.
— Нимага анграясан, оқидан элликта қуй, деяпман.
— «Наполеон» яхшимасми, Бек ака, ўн икки минг томирдаги қонларни юрғизворади.
— Йўқ, юрагим сал ўйнагандай бўлиб турибди, оқи дуруст. Қани, тузукроқ томошангдан қўй-чи.
— Қанақасидан бўлсин, қитиқлайдиганлариданми? Буям бир кўнгил-терапияда, Бек ака. Нозик томирларингизни ўйнатиб юборади.

Асадбекнинг бу таклифга қовоқ уюб қараб қўйиши Бўтқага кифоя қилди. Каратечи болаларнинг саргузашти ҳақидаги тамошани қўйиб, Бек акаси хуш кўрадиган газакни тайёрлагач, биллур қадаҳга, айтилгандай эллик эмас, юз грамм ароқ қуйиб эҳтиром билан тутди.

Шом қоронғусига қадар вақт шу тарзда ўтди. Асадбек кетишга чоғланган пайтда эшик очилиб, бир йигит шим кийган қизни бошлаб кирди-да:
— Видеобар ишлайдими? — деб сўради.
— Ишламайди, бўлди, ёпилди, — деди Бўтқа унга жавобан.

Йигит бу гапдан кейин изига қайтиш ўрнига Асадбекка қараб олиб, яна олдинга юрди. Бўтқа ўрнидан туриб, унинг йўлини тўсди:
— Берк деяпман-ку!
— Битта қаҳва беринг, совуброқ қолган бўлса ҳам майли.
— Қаҳвани Бразилияга экиб қўйишибди, пишганда келасан.

Йигит яна Асадбекка қараб олди:
— Бу амакимиздан бир нарса сўрасам майлими?
— Майлимас, амакингнинг боши оғриб турибди, бўлди, чиқларинг, — Бўтқа шундай деб йигитнинг елкасидан тутди.
— Хўп, кетамиз, — йигит шундай деб яна Асадбекка қаради: — Амаки, мен сизнинг суратингизни уйимиздаги албомда кўрганман. Мен Петренконинг ўғлиман. Эслайсизми, армияда бирга хизмат қилган экансиз.

Бу гапни эшитиб Бўтқа «Эрталаб телефон қилган сенмидинг ё адангмиди?» дегандай қараб қўйди. Асадбек эса кутган одами келганини англаса ҳам сездирмасликка ҳаракат қилиб бош чайқади:
— Петренко? Бунақа танишим йўқ. Армияда ҳам бўлмаганман. Лекин сенинг юз-кўзларинг менга кимнидир эслатяпти. Қани, бу ёққа ўтиб ўтир-чи. Қизинг ҳам ўтирсин.
— Улар ўтиргач, Асадбек ажабланиб турган Бўтқага мулойим овозда буюрди: — Расул, булар меҳмонга ўхшашяпти, қаҳва қайнатиб бергин, — Бўтқа амрга итоат этиб ошхона томон юргач, яна йигитга қаради: — Хўш, меҳмонлар, қаерликсизлар?
— Биз меҳмон эмасмиз, шу ерликмиз, айланиб юриб бир қаҳва ичмоқчийдик. Дадам ҳозир Томскдаги қариндошларникида дам олятувдилар. Мен ҳам эртага ўша ёққа кетяпман. Сафардан олдин Юля билан сайрга чиқувдик. Сиз Томскда бўлганмисиз?
— Йўқ, бунақа шаҳар борлигини энди сиздан эшит-япман.
— Вой, — деб ажабланди қиз, беихтиёр суҳбатга қўшилиб, — географиядан ўқимаганмисиз?
— Мен мактабда иккичи эдим, — деди Асадбек кулимсираб.
— Ахир...
— Юля, илтимос, аралашмай тургин. Амаки, сиз Томскка албатта боринг, зўр шаҳар! Дадам у ерда туғилмаган бўлсалар ҳам «иккинчи ватаним» дейдилар,— йигит шундай деб пиджагининг ич чўнтагидан бир нечта фото сурат чиқарди: — мана қаранг-а, чиройлими?

Асадбек шаҳар манзараси акс этган суратларни қизиқиб тамоша қилгандай бўлди.
— Булар сизга эсдалик, — йигит шундай деб суратларни Асадбекка узатди.

Йигит сергап экан, қаҳвани ичиб бўлгунича ҳам гапдан тинмади. Бўтқа уни гарданидан чангаллаганча кўчага судраб чиққиси келди. Асадбек эса унинг қувлигига тан бериб, кулимсираб ўтираверди. Йигит меҳмондорчилик учун раҳмат айтиб, қизини етаклаб чиқиб кетгач, Бўтқа:
— Бир силтови камроқ-ку бу боланинг, қандоқ чидаб ўтирдингиз? — деб сўради.
— Бунақа алмойи-алжойи гапларни анчадан бери эшитмовдим. Гапи нима билан тугашига қизиқиб ўтиравердим.
— Қизи шкалат экан, битта имо қилганингизда болани чиққан жойига кирғизворардим.
— Қўй, бояқиш эртага отасининг олдига кетаётган экан. Сен билан мени Томск деган шаҳарга таклиф қилди, борамизми?
— Бе, совуқ жойларда нима бор, иликларни тўғнатиб нима қиламиз. Бизга Ялта ярашади. «Пулинг бўлса халтада — боравергин Ялтага, пулинг бўлмаса халтада — пишириб қўйибдими сенга Ялтада?» — Бўтқа шундай деб ҳузурланиб кулди.

«Илгари рўпарамда титраб туришарди. Тузук-ку, мақолни ҳам биларкан. Яна озгина бўшашсам бошимга чиқиб олар?» Бу фикрдан ғашланган Асадбек қовоқ уйди. Қуюшқондан чиқиб ноўрин ҳазил қилганини анг-лаган Бўтқа дарров лаб-лунжини йиғиштириб олди.
— Бўтқасанда бола, ҳақиқий бўтқасан, — Асадбек шундай деб захарли тарзда кулди-да, ўрнидан туриб эшик томон юрди.

XV боб

1

Дейилмишким, ақлан олий мақомга етишганлар уч нарсага: Тангри таоло белгиламиш тақдирга, ўзи каби ва ўзидан улуғроқ кимсаларга, доноларнинг сўзларига бош эгармишлар. Майдакаш одамлар эса тақдир ёзуғи нима эканини фаҳм этмайдилар, ундан қўрқмайдилар, улуғларни менсимайдилар, доноларнинг сўзларини эшитиб, уларни масхара қиладилар.

Дунёдаги ҳар нарса ўз жуфти билан, яна ўз муқобили билан яралмиш экан. Яъниким, оқнинг муқобили қора, ширин рўпарасида аччиқ, меҳрнинг зиддида қаҳр, шафқат қаршисида зулм мавжуд. Энг улуғ муқобиллик эса — ўлим ва ҳаётдир.

Оламда ақлли одамлар бор.

Ақлсизлар кам эмас.

Ажаб ҳақиқат шуки, ҳеч ким ўзининг аҳмоқлигини тан олмайди.

Ақллилик ва ақлсизлик... Бунинг ўлчови борми? Меъёри мавжудми?

Ҳаёт неъматларидан ҳар икки тоифа ҳам баҳраманд бўлади.

Ўлим шарбати ҳар икки тоифага насиб этади.

Одамлар ақллиларнинг узоқроқ яшашларини исташади.

Лекин акси бўлиб чиқаверади:

Тор бўлиб қолади замон донога...

Балога айланиб қолади ақллилик...

Зоҳид Анварнинг кундаликларини ўқиб шу фикрга келди. Анварнинг фикрлари уни бир неча кун давомида таъқиб этиб юрди. Айниқса кундалик сўнгидаги бир тўртлик хотирасига осонгина муҳрланиб қолди:

«Афсуским, бекордан бекор сўлдик биз,

Фалакнинг дастидан кукун бўлдик биз.

Кўз очиб юмгунча кўрган аламдан

Тилакка етолмай, охир ўлдик биз...»

«Фалакнинг дастидан кукун бўлдик...» Аслида бу ҳар бир одамнинг қисматида бор. Тупроқдан ясалмиш одам боласи охир-оқибат тупроққа қоришмаги аниқ. Аммо унга қадар... Бекордан бекорга сўлиш бор.

Анварнинг ёзувларидан таъсирланган Зоҳид кўпроқ ўша «бекордан бекор сўлиш» ҳақида ўйларди.

Юзакироқ қараганда Зоҳид билан Анварнинг яшамоқдан мақсадларида яқинлик бордек кўринади. Униси ҳам буниси ҳам адолат, ҳоли ҳаётда ҳақиқат излаб сарсари кезувчилардан эди. Ажаб-ажабки, бировининг орзусидаги адолат ва ҳақиқат иккинчисиникига унча ўхшамасди. Яна ажабки, бирови ҳақиқатни сиртмоқда кўрди, иккинчиси курашдаги азобда, орзудаги роҳатда деб билиб, ҳамон сароб сари одимлайди. Тилакка етолмай ўтиб кетишини англаб турса ҳам қайсарлик билан қадам босади.

Яна ажаб-ажабки, дунё дунё бўлганидан бери ҳали ҳеч ким «тилакларимга етиб жон беряпман», демаган. Чунки тилак деганлари ҳамиша ҳомиладор. Бирига етилса, иккинчиси урчиб, болалаб туради. Ҳидоятда юрганларнинг сўнгги тилаги бир-бирига ўхшайди. Фосиқларники эса ўз нафслари даражасига мос равишда турлича бўлади.

Зоҳид ҳақиқат тилагида ўтган Анварни ўйлаганда уни жиннихонага тиқиш қудратига эга одамни кўргиси келаверди. Анварнинг маъракасида Элчин билан учрашганда у Холидий деган одамни айтган эди. Устози Ҳабиб Сатторов гарчи унинг номини тилга олмаган бўлса-да, укасининг ўлимида бу одамнинг қўли борлигига шамаъ қилган эди.

Дўстининг жанозасида ўша одам худди ўша ҳожатхонага осилиши керак деб қасд қилган Элчин ҳаракатсиз ётибди. Ҳабиб Сатторов зимдан айблагани билан унга қарши чора кўришга уринмайди. Зоҳид эса чорасиз. Элчиннинг ҳам, Ҳабиб Сатторовнинг ҳам гаплари, пичинглари ўринли: Холидийни қотилликда айблай олишмайди. Демак у айшини суриб яшайверади. Ғашини келтирган одамни пашшани янчгандек янчаверади. Шундай эди...

Наҳот яна шундай бўлиб қолаверса?

Ахир замон ўзгаряпти-ку?..

Адолат истовчи Зоҳиднинг ҳаёт ҳақидаги тушунчаси заиф эди. Ямоқ тўнни ечиб ташлаб, янгисини кийган одамни яхши бўлиб қолади, деб ҳисобларди. Гап одам устидаги тўнда эмас, кўкрак қафасидаги қалбда экани ҳақидаги оддий ҳақиқатни англашига пича фурсат бор эди.

Анварнинг маъракасидаги учрашувда Элчин «яна Холидий ичбуруғдан ўлиб қолса, мендан кўриб юрманг», деб пичинг қилган эди. Ўшанда Зоҳид бу гапга етарли эътибор бермаганди. Анварнинг ёзувларини ўқигач, ўша суҳбатни бехос эслади.

Чиндан ҳам Холидий юқори қаватдан йиқилиб ўлса ёки мурдаси сувдан чиқса текшир-текшир бошланади. Неча-неча одам шубҳа тўрига ўралади. Бу тўрга Элчин ҳам илашиб қолиши ҳеч гапмас. Бу соҳадаги ҳақиқат юзага чиққунига қадар қанча одамнинг ҳаловати бузилади.

Худди Миркаримовнинг ишига ўхшаб...

Ким билади, мурдаси сувда ириган Миркаримов ҳам тириклик чоғида неча-неча одамнинг юрагига заҳарли сўз ханжарларини санчгандир?

Ким билади, унинг ўлиги сувдан топилганда неча-неча одам қувонгандир, «баттарроқ бўлсин эди», дегандир.

Ким билади, балки Миркаримовнинг заҳарли сўз ханжаридан ўлим топганлар унинг бошига гувала қўйилиб, лаҳад оғзи беркилганда дўзахнинг олов тошлари билан қаршилагандирлар.

Ким билади, балки Холидийнинг қисмати ҳам шундай бўлар...

Балки ҳаммаси аксинчадир...

Агар Зоҳид ниятини амалга ошириб, Холидий ҳузурига борса-да, айтсаки: «Сиз билан Миркаримов бир хилдасизлар». Бу гапдан, шубҳасизки, Холидий ажабланар, тўғрироғи ғазабланар ва айтарки: «Бу қандай нодонлик! Мен олим одамман, жамиятга фалон миқёс-да фойдам теккан. У эса пулдан бошқа нарсани ўйламаган одам...» Холидийнинг фатвосида зоҳиран жон бор. Касб, турқу тароват — кўзга кўринувчи жиҳатлар фарқланади. Аммо назарга тушмас бир иллат борки, уни «нафс» дейдилар. Айнан шу нафс бир-бирига зохиран ўхшамаган одамларни ботинан бир хил кўринишга келтиради. Миркаримовнинг нафси маишатни истарди. Бунинг учун у ҳаётини пул топишга сарф этди. Холидийнинг нафси ҳам маишат истарди. Бунинг учун у ҳаётини амал эгаллашга сарф этди. Бунда бирон фарқ кўринадими?

Зоҳид ўйлаб-ўйлаб фарқ топмади.

Кўп масалаларда Анвар билан ҳамфикр бўлди. Фақат... Сўнгги чорани ақлсизлик деб баҳолади.

2

Зоҳид Саид Қодировнинг бу сафарги йўқловидан асосий мақсадни дуруст англамади. У одатдагидай Миркаримовнинг ўлими асадбеклар тўдасига боғланяптими ё йўқми, деб қизиқди. Зоҳид гумонларнинг бири заиф бўлса-да, ҳамон шу тўдага боғланиб турганини айт- ди-ю, бироқ янги туғилган шубҳаларини баён қилиб ўтирмади.
— Маҳмуд Эҳсоновнинг ўлимидан кейин тўдада бирон ўзгариш сезилмаяптими, миш-мишлар нима дейди?

Зоҳид Саид Қодировнинг бу илмоқли саволига дарров жавоб бермади. «Мени миш-миш йиғиб юради», деб эшитувдингизми, демоқчи ҳам бўлди-ю, тилини тийди-да:
— Асадбеклар билан шуғулланмай қўйганман, — деб қўя қолди.
— Тўда ичида қора мушук ғимирлаб юрганга ўхшайди, — деди Саид Қодиров худди ўзига-ўзи гапираётгандай. Сўнг «Наҳот қизиқмай қўйдингиз?» деган савол назари билан қаради-да, гапини давом этди: — «КамАЗ»нинг ҳайдовчисидан фойда йўққа ўхшаб турибди. Боши катта, бўйи калта одам эса изсиз йўқолган. Миродил Бойқўзиев деганини эшитганмисиз?
— Йўқ.
— Унинг хотини милитсияга арз қилган: эри йўқолибди. Эҳсоновнинг жанозасидан кейин уни ҳеч ким кўрмаган. Ҳозирча тирик одамлар орасидан қидириш-япти. Бугун умид бор... билмадим... эртага балки қаб-ристонлардан излашга тўғри келар... Уларнинг орасидан яна кимлар йўқолаётган экан...

Саид Қодиров аслида шу саволга жавоб топиш мақсадида Зоҳидни йўқлаган эди. Доимий равишда маълумот етказиб турувчи Ҳалимжоннинг тўсатдан йўқолиб қолиши уни хавотирга сола бошлаган, эҳтиёт чораси сифатида Халимжоннинг оиласини бошқа жойга кўчиртиргач, «бирон гап эшитгандир», деган умидда Зоҳидни чақирганди. Чақиришга чақирди-ю, «тўдадаги одамимиз йўқолди, суриштиринг» демади. Халимжонни ошкор этишга ҳали фурсат бор, деб ўйлаб, суҳбатини чучмал тарзда якунлади. Зоҳид мана шундан ажабланди.

Москвадан жавоб келдимикин, деган илинжда шаҳар прокуратурасидаги хонасига кирди. У Ойсанам Эркаева билан акасининг кўрсатмаларидан шубҳаланиб Москвага сўров юборган, Миркаримов йўқолган кеча болаларга қандай мултфилм кўрсатилганини аниқлаб беришларини илтимос қилган эди. Бундан аввалроқ шаҳар электр тармоқлари идораси билан боғланиб, ўша кеч Миркаримовнинг маҳалласида электр қуввати ўчириб қўйилган ёки ўчирилмаганини суриштирган эди. Шаҳарни электр қуввати билан таъминлашда қийинчилик мавжуд бўлгани сабабли маҳаллаларда навбатма-навбат чироқ ўчириб қўйиларди. Ўша ҳафта Миркаримовнинг маҳалласида чироқ ўчирилмагани ҳақидаги маълумот Зоҳиддаги битта шубҳани йўққа чиқарди. Иккинчи шубҳанинг исботи Москвадан келажак маълумотга боғлиқ эди.

Зоҳиднинг сезгиси алдамабди: Москвадан хабар келибди. Унда ёзилишича, ўша кеч расмий мажлисдаги Горбачевнинг маърузаси кутилгандан кўпроқ чўзилгани сабабли болалар учун эртак кўрсатуви умуман эфирга чиқмаган, мултфилм ҳам кўрсатилмаган... «Бу ёғи қандоқ бўлди», — деб ўйлади Зоҳид, — шунча пайтдан бери Эркаева тўқиган эртакка ишониб юрилдими? Энди... ҳаммасини бошидан бошлаш керакми?..»

Зоҳид ишни қандай давом эттиришни ўйлай-ўйлай биринчи галда Ойсанам яшаётган уйни кузатиш керак, деган қарорга келди. Шу қарори билан раҳбарият ҳузурига кириб, ижозат олди. Яқин кунларда Миркаримовнинг уйида тинтув ўтказиш ниятини эса ошкор этмади. Уйни кузатиш бўйича милитсия идораси билан бўладиган расмиятчиликларни бажаргач, Зарипова билан учрашиш учун шаҳар турмасига борди.

Зарипова — чиройда Ойсанамдан қолишмайдиган хушрўй аёл — сўроқ хонасига кириб «ҳамма гапларни айтиб бўлганман, яна келдингизми?» дегандай Зоҳидга бир оз қараб турди. Сўнг унинг қаршисига ўтириб, иболи аёлларга хос бўлмаган тарзда оёқларини чалиштириб олди. Аввалги учрашувдаги суҳбат асабий равишда тугаган эди. Бу сафар самимийроқ тарзда гаплашишни истаган Зоҳид:
— Келавериб жонингизга тегдимми? — деб кулимсирашга ҳаракат қилди.
— Келиб турганинглар яхши менга, — деди Зарипова. — Келсаларинг қамоқда чиримаслигимга ишонаман.
— Гапингизга унча тушунмадим?
— Келаверсаларинг битталаринг бўлмаса, иккинчиларинг бегуноҳлигимга ишонарсизлар? Оддий нарсани тушунишни нега истамайсизлар?
— Тушунишни истаганимиз учун келамиз.
— Бўлмаган гап! — Зарипова шундай деб қўл силтади. — Ҳар сафар янги сиртмоқ ясайсизлар. Келавериб, келавериб сиртмоқни тортаверасизлар. Охири бўғилиб ўлай деганимда «Мавлон акани мен ўлдирганман», деб тан олишимни хоҳлайсизлар. Лекин шунақа деганим билан дарров ишона қолмайсизлар. «Ўлдиришга бир ўзингнинг кучинг етмайди, ўйнашинг ёрдам берган, ўша ўйнашингни айт!» деб янги сиртмоқлар ясайсизлар. Майли, сиқувга олаверинглар, бир бошга — бир ўлим. Ҳаммасига чидайман. Мен сиз кутаётган иқрорни айтмайман, — Зарипова хўрсиниб, олди-да, қалин панжарали дарчага қаради: — Олдин сўроқ қилган одам қўрсроқ эди. Сиз ишни маданийчасига юритар экансиз. Икковларинг икки оламга ўхшайсизлар. Лекин мақсадларинг бир. Наҳотки шунча ойдан бери шубҳаланадиган бошқа одам топилмаган бўлса?
— Зарипова, тушунадиган аёлга ўхшайсиз. Биз шунча ойдан бери нима иш билан шуғулланаётганимиз бўйича сизга ҳисоб беришга мажбурмасдирмиз?
— Албатта мажбур эмассиз. Жаҳлингиз чиқмаса сиздан бир нарсани сўрасам.
— Сўранг.
— Сиз... мантиқ деган фан борлигини ҳеч эшитганмисиз? Мен атай «ўқиганмисиз?» деб сўрамаяпман. Мантиқ илмини ўқиган одам бунақа бўлмайди.
— Қизиқ... — Зоҳид беихтиёр равишда столни чертиб-чертиб қўйди: — Мантиқдан бехабарлигимни исбот қилиб бера оласизми?
— Албатта. Лекин сиз сўроқ қилгани келган одамсиз, фалсафадан масала сўқишга тоқатингиз етмас?
— Етади, ташвишланманг, гапираверинг.
— Яхши, унда эшитинг: дунёдаги барча нарсалар, ҳодисалар «мантиқ» деган кўринмас занжир билан боғланган, деган фикрга қўшиларсиз? — Зарипованинг саволига жавобан Зоҳид бош ирғаб қўйди. — Лекин ҳамиша ҳам шундай бўлавермайди. Фақат бизга ҳамма ҳаракатда мантиқ бордай кўринаверади. Биз мантиқ билан мантиқсизликнинг аниқ чегарасини ажратиб ололмаймиз, бунга нима дейсиз? — Зоҳид «қани, давом этаверинг-чи», дегандай елка қисиб қўйди. — Мана, масалан, сиз билан менинг бу ҳолда ўтиришимизда мантиқ борми?
— Йўқ деб ўйлайсизми?
— Албатта йўқ. Сиз «ҳақиқатни ойдинлаштириш учун мантиқий мажбурият бор», дерсиз? Мен эсам айнан шуни энг катта «мантиқсизлик» дейман. Агар бегуноҳ бир аёлни икки юз ўттиз кун қамоқда ушлаб туришни «мантиқий мажбурият», ҳисобласангиз, хафа бўлмангу, ҳеч нарса билмас экансиз.
— Сиз ўзингизни бегуноҳ ҳисоблаяпсиз. Бу ерда ўтирганларнинг деярли барчаси шу фикрда.
— Бу масалада сиз билан баҳслашмайман. Ўзимга тегишли гапни айтай: жиноят ўз-ўзидан содир бўлмайди, а? Кутилмаганда, тўсатдан юз берди, деб ҳисобланган фожиа ҳам аслида анча илгари бошланган бўлади. Мисолга Мавлон аканинг тақдирларини олайлик: ўша куни бехос сувга тушиб кетиб ўлдиларми ё ўлдирилдиларми? Агар ўлдирилган бўлсалар, қотил ўша куни қасд қилиб ўша куниёқ мақсадига етмагандир? Тасаввур қилайлик, сизнинг шубҳангиз тўғри чиқди, қо-тил — менман. Мантиқан олиб қарасак, Мавлон акани ўлдиришга тайёргарлигим у киши билан танишган кунимиздан бошланган бўлади. Бир-биримиз билан учрашганда атрофимизда ҳеч ким йўқ, деб ўйлардик. Аслида орамизда ўлим бор экан-у, сезмабмиз. Кунлар, ойлар ичи ана шу ўлимнинг қачон ва кимнинг қўли билан юзага чиқиши масаласи беихтиёр равишда ҳал этилган. Шунақа десак мантиққа тўғрими? Ҳа, — Зарипова аянчли тарзда кулимсиради. — Бу бир тахмин. Яна ҳақиқат деб ёпишиб олманг. Лекин гапимда озгина ҳақиқат ҳам бор. Менинг бу кўргулигим, гуноҳларимга яраша туҳмат билан мукофотланишим Мавлон ака билан танишган дақиқамдан бошланган экан, — Зарипова бошини эгиб бир оз сукут сақлади. Сўнг Зоҳидга қараб кулимсиради: — Гапни ҳам резинкадай чўзиб юбордимми, ажабланманг, мен азалдан эзмароқман. Хўп, яна озгина тоқат қилинг, асосий гапни айтволай: Мени қотил деб гумон қилганингизда «бу хотин шундай бой ўйнашини нега ўлдирди?» деб ўзингизга ўзингиз савол бериб кўрмадингизми? Бу ерда мантиқ қани? Мавлон аканинг ўлимидан кўпроқ мен жабр чекдим-ку?
— Моддий манфаатни назарда тутяпсизми?
— Фақат бу эмас. Мавлон ака мени... яхши кўрардилар. Ёлғиз аёл учун бу яхши кўришнинг қадри қандайлигини сиз ҳис қила олмайсиз. Сиз худди шу нуқтада менга мантиқни топиб беринг-чи? Агар Мавлон аканинг ўлимидан бирон фойда олсам, бу ишга қўл уришим мумкин эди. Бу гапим ҳам тахмин, мен бировнинг ўлимидан фойда кутадиган аблаҳ эмасман.
— Саволингизга ҳозир жавоб беришим шартми?
— Мутлақо шарт эмас. Гапдан гап чиққани учун озгина эзмалик қилдим, кечирасиз.
— Фикрларингиз менга маъқул. Саволингизга эса албатта жавоб қайтараман, фақат бугун-эрта эмас, қотилни аниқлаган куним.
— Шундай дейишингизни билардим. Саволимга жавоб берсангиз ҳам, қотилни топиб жазоласангиз ҳам менинг бу ерда чириган кунларимни қайтариб бера олмайсиз, бу ердан чиқиб мен техникумдаги ўқувчиларимга дарс ўта олмайман, бу шаҳарда, умуман бу ҳаётда бош кўтариб юришим мумкин бўлмай қолади.
— Сиздаги илм, фаросат билан бу азобни енгиш мумкин, деб ўйлайман.
— Йўқ, енгиш учун илм билан фаросатнинг ўзи кифоя қилмайди. Ҳатто иродага ҳам ишониб бўлмайди. Менинг келажагим — ўзимнинг бош оғриғим, сиз ўйламай қўяверинг. Сўрайдиганингизни сўранг.

Зоҳид, прокуратура терговчиси, гумондаги шахсдан «сўранг» деган ижозатни олса-да, дарров сўроққа тутмади. «Зарипова ҳаяжонини босиб олсин», деб сукут сақлади, худди савол ахтараётгандай кўрсатгич бармоғи билан чаккасини силади. Зариповага бу сукут ёқмай «сўрамайсизми?» деган маънода тикилгач, Зоҳид дастлабки саволини берди:
— Эшпўлатовнинг айтишича, хўжайинини олиб келганида сиз ёлғиз бўлгансиз. Сиз эса одам бор эди, Эшпўлатов ҳеч кимни бошлаб келмаган, деяпсиз. Кимнинг гапига ишонишим керак?
— Эшпўлатовнинг ўзи ҳам, хўжайини ҳам келмаган.
— Уйингиздаги ўша одам буни тасдиқлаши керак. Ўша одам ким, айтинг. Айтсангиз ўзингизга фойда.
— Мен унинг кимлигини айтолмайман.
— Қўрқасизми?
— Ҳа, қўрқаман, оиласининг бузилиб кетишидан қўрқаман.
— Оиласи бузилиб бўлгандир балки?
— Нега ундай деяпсиз?
— Аёллар табиатан сезгир бўлишади. Эрларидаги ўзгаришни тез фаҳмлашади. Уларда гипофиз яхши шакл-ланган, дейишади. Гипофиз нималигини биласизми?
— «Учинчи кўз» демоқчимисиз? Билмадим, сиз бу гапни қаердан олдингизикин. Балки сиз айтгандай шакл-лангандир, лекин бу кўринмас учинчи кўзда ақл бўлмайди. Эркак билан аёл учрашса ўша гипофиз худди сиз каби аҳмоқона хаёлга боради.
— Аниқроқ гапира оласизми?
— Аниғи шуки, мен бугун Мавлон ака билан, эртасига бошқаси билан ётадиган фоҳиша эмасман. Мавлон ака билан муносабатимиз қуруқ нафсдан иборат эмас эди. Ўша куни уйимга келган одам сиз ўйлаган илинжда ўтирмаганди. Самимий дўст сифатида, ҳатто ака-сингил сифатида гаплашиб ўтирганимизга сиз ҳам ишонмайсиз, бошқалар ҳам. Шунинг учун унинг кимлигини айтмайман. Гапларимга ишонсангиз ишонинг, ишонмасангиз — ўзингиз биласиз. Менинг бошқа сўзим йўқ, айтинг, олиб кетишсин.
— Шошилманг, ўзингизни босинг. Сизнинг айтадиган сўзингиз бўлмаса, менинг сўрайдиган саволларим бор. Бу ерга шу мақсадда келганман. Фалсафадан дарс эшитиш учун эмас, — Зоҳиднинг кейинги гапи сал дағалроқ чиқиб, ўзига ҳам эриш туюлди.

Бу дағаллик Зариповага ҳам таъсир этди. У «Ана энди асл қиёфангга кирдинг, боятдан бери мўмин ўқувчидай ўтирувдинг», дегандай Зоҳидга бир оз тикилди-да, сўнг мутелик билан бошини эгди. Зоҳид унинг кўнгли оғриганини сезса ҳам, сир бой бермай, расмий оҳангидан чекинмай сўради:
— Агар гапингизга тўғри тушунган бўлсам, Миркаримов билан муносабатингиз асосида нафс ётмас экан. Унда... ораларингизда, шоирлар тили билан айтганда... муҳаббат бўлганми? Миркаримов сизга уйланмоқчимиди?
— Шундай фикр бор эди. Лекин қарор даражасида қатъийлашмаганди.
— Нега? Бирон тўсиқ бормиди?
— Бор эди.
— Оиласими?
— Яна қандай тўсиқ бўлиши мумкин? Икки марта уйланган. Иккинчисини қўйиб, учинчисига уйланса партиядан ўчади.
— Партиядан ўчса — ишдан ҳайдалади, — Зоҳид шундай деб Зарипованинг гапини давом эттирди: — Ёғлик жой қўлдан кетади. Бунақа эр кимга керак?
— Мен Мавлон аканинг бойликларига учмаганман.
— Лекин Миркаримов сизга тилла тақинчоқлар сов-ға қилиб турган. Аввалги терговчига шундай дегансиз.
— Деганман. Тинтув қилиб тақинчоқларимни олиб қўйгансиз. Хоҳласангиз давлатга топширишим мумкин.
— Шахсан мен хоҳламайман. Уларни ўғирламагансиз, сизга совға қилинган, ўзингизга буюрсин.

Зарипова «чин дилдан, самимий айтяпсизми?» дегандай унга савол назари билан қаради. Кейин яна бошини қуйи эгиб, аввалги гапини такрорлади:
— Мен бойликларига учмаганман.

Икки марта турмуш қуриб, икки марта оғзи куйган, ишхонадагилари, қўшнилари «ҳалол, покиза», деб таъриф берган аёлнинг бу гапига Зоҳид шубҳа қилмади. Агар кун ора бўлмаса-да, ҳафта ёки ой оралаб ўйнашларини алмаштириб турганида буни қўшнилар сезишар ва бу воқеадан сўнг «асли бузуқ эди», деб таърифини ўн чандон ошириб баён этиб беришарди. Бир аёлни, айниқса ёлғиз бевани қўшни аёллар бузуқликда айблашмадими, демак, у чиндан покиза экан. Бева аёл, айниқса чиройли жувоннинг ҳар бир қадами, ҳар бир сўзи, ҳар бир кулгуси қўшни хотинларнинг зийрак нигоҳи таъқибида бўлади. Қўшни хотинларнинг ҳар бири эрини ундан қизғанади. Агар таниш эркаклар, Зарипова айтгандай, тўғри маънода тез-тез келиб туришса ҳам у аллақачон ёмонотлиққа чиқиб бўларди. Хотинларнинг бу қилиқлари маълумлиги учун Зоҳид «Зарипова Миркаримовнинг ўйнаши», деган ёзувини қора тўртбурчак чизиқ орасига олиб қўйган эди. Шу боис ҳам «уйингиздаги бегона эркакни айтинг», деб қийин-қистовга олмади. «Агар менинг самимиятимга ишонса, эртами-кечми, ўзи айтади», деган ишонч билан бошқа нарсаларни сўраётган эди.
— «Бунақа эркак кимга керак?» деганимда фақат сизни назарда тутганим йўқ. Миркаримов «аёлларга менинг бойлигим керак, пулсиз эркакнинг кимга кераги бор?» деб ўйлаган бўлиши мумкинми?

Бу саволни эшитиб, Зарипова «Вой Худойим-эй», деб хўрсиниб қўйди. Кейин бошини кўтармаган тарзда, худди ўзига-ўзи гапираётгандай деди:
— Нима учун ҳамма нарсани бойлик билан ўлчаймиз? Бойликдан бошқа ўлчов йўқми бу дунёда? Бир сидра кийим-кечак, кунлик ейиш учун бир бурда нони билан одамнинг бахтли бўлиши мумкинмасми? Бўйни тилла занжир кўрмаган аёллар бахтсизми? Қўша-қўша тилла билакузук тақиб юрганларнинг ҳаммаси бахтлими?

Зарипова яна хўрсиниб, жимиб қолди. Унинг хасратли гаплари Зоҳидга маъқул келгани билан суҳбатни бу мавзуда давом эттиришни истамади. Бошқа жойда, айбланувчи ва айбловчи мартабасида эмас, икки озод инсон сифатида кўришишганида балки ҳаёт фалсафаси хусусида узоқ суҳбатлашган, аёлнинг маъноли фикр-ларидан баҳра олган бўларди. Алҳол... аёл тутқун. Унинг дардли фалсафаси ҳам тутқун.

Бундай пайтларда терговчи — Зоҳид билан инсон — Зоҳид ўртасидан фарқ чизиғи ўтиши натижасида инсон — Зоҳид қалбида уйғонган меҳр-шафқат йўли тўсилиб, у расмий муомала қилувчи, қонуннинг қаттиққўл ҳимоячисига айланишга мажбур бўларди. Ўзидаги икки хил бу кўринишдан қийналиб устозига нолиганида маёр Солиев «Касбимизнинг энг нозик томони ҳам шу. Жиноятчининг оҳ-воҳига қулоқ солиб, раҳминг келса, унга шафқат кўзи билан қарасанг ундан жабр кўрган одамга хиёнат қилган бўласан», деган эди.

Зоҳид «Зарипова яна гапирармикин?», деган хаёлда сабр қилди. Аёл бош эгиб жим ўтиравергач, сўроқни давом эттирди:
— Сиз Ойсанам Эркаевани танисангиз керак. У билан ҳеч рўпара келганмисиз?

Бу саволдан кейин Зарипова бошини кўтарди:
— Рўпара келиб, эр талашиб, юлишганмисизлар, демоқчимисиз? Йўқ, бунақа бўлмаган. Мен Мавлон аканинг биринчи хотинлари билан кўришиб турардим.

Буниси Зоҳид учун янгилик бўлди. Собиқ хотин билан хотин бўлиш орзусидаги аёл орасида қандай яқинлик бўлиши мумкин? Собиқ ва бўлажак хотинларнинг Ойсанам Эркаевага қарши иттифоқими бу? Зоҳид хаёлига келган бу саволни тилига кўчирмай, бошқачароқ қилиб сўради:
— Қанақасига?
— Мен олдинги терговчига айтганман, Мавлон аканинг катта қизлари бизда ўқирди. Анави қоғозларингизга ёзилмабдими? Мавлон ака билан шу қиз ўқишга кираётганида танишганмиз. Ажрашиб кетган бўлсалар ҳам болаларидан хабар олиб турардилар.
— Буни Эркаева билармиди?
— Билмаса керак.
— Билса... ғайирлиги келармиди, жанжал кўтарармиди?
— Буни ўзидан сўрайсиз.
— Биринчи хотин... албатта аламзада бўлади, кундоши ҳақида нима дерди?
— Биз ғийбат қиладиган даражада яқин эмасдик. Кейин... у хотиндан шубҳа қилманг, илтимос. У фариштадек сабрли, покиза аёл. Очиғини айтсам, шундай хотинни хўрлагани учун Мавлон акадан баъзан нафратланиб кетардим. «Сени яхши кўраман», деганларига ишонгим келмай қоларди. Агар яхши кўриш керак бўлса, эркак одам «уйим-жойим, эрим-болам», дейдиган ўшанақа хотинни яхши кўриши керак.
— Эркаева «уйим-жойим» демасмиди?
— Билмайман.
— Балки эрига кундошидан кўра меҳрибонроқ бўлгандир?
— Билмадим.
— Миркаримов хотини ҳақида ҳеч гапирмасмиди? Масалан, Эркаева бир нима баҳонасида жанжал қилса, сиқилиб, сизга ёрилгандир?
— У киши ҳасрат қиладиган эркаклардан эмас эдилар.
— Эркаева эрининг сиз билан учрашиб туришини била туриб индамаган, деб ўйлайсизми?
— Буни ҳам ўзидан сўрайсиз.
— Миркаримовнинг ҳайдовчиси Эркаевага ким бўларди, билармидингиз?
— Ҳа.
— Синглисини бошлаб келиб, ғавғо кўтарар, деб чўчимасмидингиз?
— Йўқ.
— Нима учун?
— У йигит ўлгур қайноға эмас, малай эди. Малайнинг аҳволини ўзингиз биларсиз.
— Ҳар холда синглисининг тақдирига бефарқ қарамагандир?
— Бефарқ қарамагани аниқ. Калласи балодай ишлайди унинг. Ғавғо кўтарилса синглисига қийин бўлишига ақли етарди.
— Синглисига... нега қийин бўлади?

Зарипова «шунга ақлингиз етмаяптими ё мени лақиллатиб ўтирибсизми?» дегандай Зоҳидга тикилиб қаради. Зоҳид Ойсанам Эркаевага нима учун қийин бўлишини тахмин қилаётган бўлса-да, чин сабабини рўпарасидаги маҳкума аёлдан эшитишни истади.
— Агар ғалва қилса, синглиси бой эрдан, ўзи ҳам бой куёвдан, ҳам ишдан ажралиб, қуруқ қолиши мумкин эди.
— Сиз Миркаримовнинг яқин танишларини билармидингиз?
— Йўқ.
— Ҳеч гапирмасмидилар?
— «Кимлардан норози бўлиб гапирган?» деб сўрамоқчимисиз? Олдинги терговчи ҳам сўраган буни. Жавобини айтганман: Мавлон аканинг нолийдиган одатлари йўқ эди.

Зоҳид стол устидаги қоғозга сўроққа берилган жавобларнинг мазмунини ёзгунича Зарипова унинг бармоқларидан мўъжиза кутгандай тикилиб ўтирди. У ёзув ниҳоясига етиши билан сўроқ ҳам тугайди, яна қамоқдаги жойимга қайтаман, деб ўйлаб янглишди. Зоҳид ёзувни тугатгач, унга тикилди. Ана шунда Зарипова кутган мўъжиза юз бермади, балки кутилмаган савол эшитилди:
— Ноил Зарипов укангизми?
— Ҳа... — Зарипова «Йигит ўлгурнинг фисқу-фасодига ишондингизми? Энди укамдан ҳам шубҳа қиляпсизми? Уни ҳам қамадингизми ё энди олиб келасизми?» деган савол назари билан терговчига қаради.
— Миркаримовнинг қўлида ишлаган экан. Миркаримов уни нима учун бўшатиб юборди?
— Билмайман, мен уларнинг ишларини тушунмайман.
— Балки бирон қинғир иш қилиб қўйиб, Миркаримовнинг жаҳлини чиқаргандир?
— Бетон заводида қанақа қинғир иш бўлиши мумкин?

Бу жавобни эшитган Зоҳид мийиғида кулиб, стол устини чертиб қўйди.
— Мантиқдан яхши ўқибсиз-у, ҳисобдан қоқилган экансиз-да, а? Ахир қинғир иш қилмаса Миркаримов шунчалик бойирмиди? Укангиз ҳам ёмон яшамагандир?
— Бу ишларга ростданам ақлим етмайди. Укам адашган бўлиши мумкин, лекин қинғир иш қилмайди. Дадам бунга йўл қўймайдилар.
— Дадангиз уйда тўғрилик ҳақида насиҳат қилиб ўтирсалар эҳтимол. Лекин уйдан то заводга етиб борилгунича бу насиҳатлар тушиб қолади. Дадангиз «ўғлим, «нол етти жигули»ни қайси пулга олдинг» деб ҳеч сўрамаганмилар? Сиз-чи? Сиз сўраганмисиз?
— Мен унинг топар-тутарига қизиқмаганман.
— Нега қизиқмайсиз? Миркаримов укангизни кўчадан топиб келиб, даромадли ўрнига ўтқазиб қўймагандир? Биология ўқитувчисини ҳамма ҳам бетон заводига жойламас, а? Ҳар ҳолда орада сизнинг илтимосингиз ҳам бўлгандир? Шу ерга келганда мантиқ ёпишмай қоляпти, Зарипова.

Аёл бир нарсани излагандай кўзларини жавдиратиб, панжарали дарчага қаради. Уни сиқиндиликдан қутқарувчи нажот айнан шу дарчадан оқиб келадигандай бир неча нафас тикилди.
— Зарипова, Миркаримов билан хотини ҳақида гаплашмаган экансизлар, дўст-душманларини ҳам тилга олмагани ҳақиқатдир. Укангиз ҳақида ҳам гаплашмаганмисизлар?
— Балки... гаплашгандирмиз... умумий гаплар...
— Укангизни ишдан бўшатгандан ҳам индамаганмиди? «Уканг бетон плиталарини сотаётганида икки марта қўлга тушди, фалон минг бериб қутқариб олдим, энди бу ёғига чидаш қийин», ҳам демаганмиди?
— Сиз йигит ўлгур Эшпўлатовнинг гапларига ишониб шундай деяпсизми?
— Биз Эшпўлатовнинг гапига эмас, далилларга ишонамиз. Бу далилларни қаердан олганимни сизга айтиб ўтирмайман. — Зоҳид «бу иш бўйича милитсиядаги ўртоқлар шуғулланишяпти, Миркаримовдан пора олиб, укангизни қўйиб юборган ОБХСС вакили ҳозир сўроқ беряпти», демаса ҳам Зарипова укасининг аҳволи яхши эмаслигини англаб бир титраб олди. «Укамни ишга олинг» деб илтимос қилган тилларини чайнаб ташлагиси келди. Укаси кўп қатори маошига қаноат қилиб яшаб юрувди. Келини ҳам етишмовчиликлардан кўп қатори нолиб, ғашланиб, баъзан ғалва кўтарса-да, охир-оқибат қаноатга банди бўлиб яшаятувди. Икки йил аввалмикин, эр-хотиннинг ғалваси устидан чиққан Зарипова укасига раҳми келиб, унинг пулдор одамга айланиб қолишини истаб қолган эди. У пайтда озод эди. Бойликнинг тотли нафасидан маст эди. Энди маҳкума ҳолатида ўша тотли кунларини лаънатлайди.
— Миркаримов йўқолган куни уйингизда укангиз билан бирга эмасмидингиз?

Бу савол яшин каби урилиб, Зарипованинг вужудини парчалаб, кўмирга айлантириб юборгандай бўлди. У терговчининг қай томонга бурилганини аниқ фаҳм этди: «Ўша куни уканг икковинг ўлдиргансанлар, демоқчими? Уканг ишдан ҳайдалгани учун аламдан ўлдирган, деб айб қўймоқчими?..»
— Укам йўқ эди... Укам меникига кам келарди. Умуман... Мавлон ака уни ишдан бўшатиб, кўчага ташлаб қўйганлари йўқ.
— Биламан, кооператив лимонад тсехига жойлаганлар. Биология ўқитувчиси учун бетон заводидан кўра шуниси тузук. Укангизнинг янги хўжайинини билармидингиз?
— Йўқ.
— Маҳмуд Эҳсонов деган одам. Худо раҳмат қилсин уни.
— Ўлибдими?
— Ўлдириб кетишибди, — Зоҳид «наҳот бу янгилик панжаранинг у томонида қолиб кетган бўлса, наҳот бу аёл эшитмаган?» деган хаёлга унга синовчан тикилди.

Зарипова «Вой бечора, Худо раҳмат қилсин», деб пичирлаб, титрай бошлаган бармоқларига тикилди. «Буни нега менга айтяпти? «Ўлдириб кетишибди...» Укамнинг бунга нима алоқаси бор?»

Зоҳид бу хабарни айтиш билан сўроқни якунлади. «Кейинги сўроққа қадар бу аёл кўп нарсани ўйлайди, айтгиси келмаётган гапларни энди айтади.» — Шу фикрда аёлнинг изидан қараб қолган Зоҳид гарчи ундан бирон янги гап эшитмаган бўлса-да, сўроқдан кўнгли тўлиб қайтди.

XVI боб

1

Асадбек ўғли Абдусамад билан тонг қоронғусида йўлга чиқиб, Козловнинг оиласидан хабар олиб қайтганда майдалаб ёмғир ёғаётган эди. Абдусамад машинани дарвозага тўғрилаб тўхтатиши билан қўшни эшик очилиб, Қамариддин чиқиб келди-да, Асадбек билан кўришиб, уйига таклиф қилди:
— Бир пиёла чойимиз бор эди, — деди у илтижоли оҳангда.

Асадбекнинг бу кунга мўлжаллаган ишлари кўп эди, шу сабабли илтимосни рад этди. Қамариддин яна бир ялингач, «атай кутаётган экан, гапи зарурдир», деган фикрда унга эргашди. Чол-кампирга мўлжалланган хонадонга дастурхон усти шохона бўлмаса-да, қўл учида кун кўрувчи хонадонга хос равишда тузалган эди. Шошиб кириб, шошиб чиқиб кетиш менсимаслик аломати сифатида қабул қилинажагини билган Асадбек ҳурмати учун синдирилган патирдан бир чимдим ушатиб олди. Аччиқ чойдан уч-тўрт ҳўплагач, вақти зиқ эканини писанда қилди. Ана шунда Қамариддин озгина ҳижолат, ундан сал кўпроқ қўрқиш ҳолатида чақирувдан мақсадини баён қилди.
— Қўшни бўлганимиздан бери сиздан кўп яхшиликлар кўрдик, барака топинг, ота-онангизни Худо раҳмат қилсин, жаннатлардан жой берсин, — Қамариддин гапни дуо билан бошлади-ю, мақсадга яқинлашганда тилнинг айланиши қийинлашди.
— Қамар ака, нима гапингиз бўлса айтаверинг, орада ҳижолатлик йўқ,— деб Асадбек унга далда берди.
— У кунги гапларни маслаҳат қилувдик. Маслаҳат шу бўлдики... ҳовли-жойни сотиш зарурати бор экан. Ўғлимнинг ҳам автобазадан бўшагиси йўқ, бир нима дейишга ҳайронман, бошим қотиб қолди. Қариганда ота-боланинг гапи тўғри келмаса қийин экан, — Қамариддин шундай деб оғир дард азобида тўлғанаётган одам каби хўрсиниб қўйди.

Асадбек қўшнисининг бундай беъмани хулосага келишини сира кутмаган эди. Шу пайтга қадар ундан марҳамат кўрганлар ҳамиша таъзимда бўлганлар. «Ўла-ўлгунимча қулингизман», дейдиганлар ҳам учраб турарди. Асадбек уларнинг қулликларига муҳтож бўлмаса-да, ана шундай миннатдорчиликларга ўрганиб қолган эди. Қилажак яхшилиги учун бу қўшнисидан қулликни талаб қилмовди.

Хўрсиниб, қарашга ботинолмай бошини хам қилган Қамариддинга тикилган Асадбекнинг қони қайнади: «Бу гаплар ўзининг калласидан чиқдими ё бирон аҳмоқдан ақл ўргандими? Бундақаларга яхшилик қиламан, деганнинг ўзи аҳмоқ. Баттар бўл!» — Асадбек шу ғазаб билан ўрнидан туриб кетмоқчи бўлди-ю, ғариб ҳолида ўтирган қўшнисига раҳми келиб, ўзини ўзи босди. Бу сафар раҳм ғазабни енгиб, босиқ ва меҳрли овозда деди:
— Бу боллар сиз кўрган қийинчилик-азобларни кўришмаган. Шунинг учун уйни сотиш — оғизларининг бир чеккасидан чиқиб кетаверади. Сиз ўзингизни сиқманг. Мен «сотинг», десаму сиз «йўқ» десангиз ҳижолат бўлсангиз ярашарди. Кўнгилга қараб ишингизни қилаверинг. Ўғлингиз ҳам истаганидан қолмасин. Сиз билан биз яхши қўшни эдик. Худо хоҳласа яқинлигимиз узилмайди. Мен уй масаласида бир-икки одамга тайинлаб қўйганман. Чақириб «навбатингиз келди», деса ажабланмай, тортинмай олаверинг.
— Раҳмат, барака топинг.
— Бу менинг хизматим эмас, уй олишга хаппаи-ҳалол ҳаққингиз бор. Сиз «уй сотилади», деб овоза қилаверинг.
— Сиз... олмайсизми?
— Овоза қилаверингчи, одамлар келиб кўришсин, баҳолашсин. Охирги қарорга келишингиздан олдин менга хабар берарсиз.

Асадбек «маслаҳат якунига етди, қани, дуо қилинг», деган маънода қўлларини фотиҳага очди.

Асадбекнинг қайтишини кутиб нонушта қилишмаган экан. Барчаларининг жам бўлиб ўтиришлари, айниқса Абдуҳамиднинг тетиклашиб, иштаҳага кираётганидан Асадбекнинг кўнгли равшанлашди. Дастурхон атрофида тўйга тааллуқли айрим гапларни ҳам гаплашиб олишди.

Келинлар дастурхонни йиғиштиришаётганда Асадбек икки кунга Тблисига бориб келажагини маълум қилиб, Манзурани ҳайрон қолдирди.
— Вой ўлмасам, — деди Манзура ҳайратини яширмай. — Тўйни ўтқазиб, кейин бора қолмайсизми?
— Суликонинг бобосини бориб айтмасам бўлмайди. Тўйнинг ташвишини қилмай қўявер, ҳаммаси тайёр. Самад билан биллалашиб тўйга айтиб чиқсанг бўлди. Ҳамидга иш буюрма, дамини олсин. Ўзинг ҳадеб у-бу деб ташвишланаверма. Мениям юрагимни сиқаверма. Тўй бир кунда ўтиб кетадиган нарса. Ўзимизнинг тўйимиз эсингдами? ЗАГСга янганг билан бирга трамвайда келган эдинг. Таксида кузатиб қўйганимга ҳайрон бўлувдиларинг.

Эсламай бўладими? Айниқса келинпошшанинг таксида қайтиши қўни-қўшни, қариндош-уруғ орасида гап-сўз бўлувди. Бировлар «таксида кузтган бўлса, куёвнинг топар-тутари яхши экан», деб озгина ғайирлик ҳам қилишган эди. Куёвнинг топар-тутари нимадан иборат эканини у пайтда ҳеч ким билмасди...
— Битта сандиқ, тўртта кўрпа билан келин бўлиб тушувдинг. Мебелинг йўқ экан, деб ҳайдаганим йўқ- ку? — деди Асадбек тегишиб.
— Вой, адаси у пайтда мебел деган нарса йўқ эди,— деди Манзура ўзини оқлаб. Унинг соддалигидан Асадбек кулди.
— Шуни айтаман-да. Мебел-гиламсиз ҳам тўйлар бўларди, келин-куёвлар роҳатланиб яшашарди. Энди тарақ-туруқлар кўпайиб кетди. Қўйиб берсанг эртага келин-билан куёвни филга ўтказиб ЗАГСга олиб бориш керак, деган гап чиқаришади. Бу ҳам бир олифтагарчилик-да.
— Минг уринсангиз ҳам одамлар тўйдан бир камчилик топиб гап қилишади.
— Шуни биларкансан, ҳадеб тиришаверма. Дабдабани ўйлама.

Асадбек шундай дегач, телефон гўшагини кўтариб, рақамларни терди. Эрининг бу ҳаракатидан «қароримни муҳокама қилишнинг ҳожати йўқ», деган маънони уққан Манзура секин ўрнидан турди.

Телефонда Бўтқанинг овозини таниган Асадбек салом-алик қилмаёқ буюрди:
— Бугун Тблисига учаман, тайёргарлик кўриб қўй.

Бўтқа «тайёргарлик кўриш»ни ўзича тушуниб:
— Мен ҳам бирга бораманми? — деб сўради.
— Сенга нима бор? — деди Асадбек қўрслик билан.— Сен ҳозир аеропортга бор.

Асадбек бу ишни Жамшидга топширса ҳам бўларди. Ёки ҳеч кимга индамай йўлга отланиши ҳам мумкин эди. Унинг айнан Бўтқага вазифа топшириши бежиз эмасди. Асадбек ундан гумонсирамас, лекин Кесакполвон суриштиргудай бўлса гап яширолмаслигини аниқ биларди. Бўтқа Асадбекни ёқтирмагани ёки унга нисбатан ҳиёнати учун эмас, хожаларига садоқати туфайли ҳам шундай қиларди. Агар Бўтқа бирон масалада Кесакполвонга ҳисоб бериб бўлгач, Асадбек томонидан сўроққа тутилса, янги хўжайини ҳақида билганларини яширмай айтиши аниқ эди. Бу одатини у «гап ташиш» деб эмас, хожаларига холис хизмат қилиш деб биларди. Асадбек унинг айнан шу одатидан фойдаланиш учун вазифа топшириб турарди.

Ҳовлида Жамшиднинг овози эшитилиб, Асадбек дераза орқали ташқарига қаради. Ёмғир тиниб, парча-парча булутлар ёруғидан қуёш кўринаётган эди. Шийпон зинаси ёнида келинаялари билан суҳбатлашиб турган Зайнаб дарвозахонада туриб овоз берган Жамшидни кўрди-ю, гапираётган гапини ҳам чала қолдириб, ошхонага йўналди. Бундан ажабланган келинлар овоз келган томонга қараб, Жамшидга салом бердилару гап нимадалигини билмасалар-да, Зайнабга эргашдилар.

Бу ҳолатни дераза орқали кузатиб турган Асадбекнинг кўнглига совуқлик оралади. Аёллар ошхонага ўтиб, ҳовли бўшаган бўлса ҳам Жамшид ичкари томон далил юриб келмади. Уйдан шошилиб чиққан Абдусамад қаршилагандан кейингина унга эргашиб, Асадбек ўтирган хонага кирди. Хожаси билан кўришди-ю, «ўтир» деган таклифга жавобан:
— Кўчада Саматохун ака турибдилар, — деди.
— Бошлаб киравермадингми?
— Унамадилар. «Бек акамиз уйдамилар, аввал билиб чиқ», деб ажабланиб турибдилар.
— Нега ажабланади?
— «Илгарилари йигитлар кутиб олишарди, энди нега ҳеч ким йўқ», дейдилар.
— Бўпти, бор, чақир.

Башанг кийинган Саматохун ҳовлига кириб ҳам бир нарсадан чўчигандай атрофга олазарак қараб олди. Ичкарига кириб тавозе билан кўришгач, Асадбек кўрсатган жойга ўтириб, узоқ дуо қилди. Шундан сўнг гапни нимадан бошлашни билмай ўтирганида Асадбек болохонада ўтирувчи йигитларга жавоб бериб юборганининг сабабини айтди. Бу гап Саматохуннинг қулоғига етган, аммо ишонмаган эди. Сабабни Асадбекнинг ўзидан эшитиб, «дуруст бўлибди», деб қўя қолди. Бу орада Абдусамад чойнак кўтариб кириб пойгакка, Жамшиднинг ёнига ўтирди.
— Куёв бола, тўйлар қутлуғ бўлсин, — деди Самат-охун унга қараб, сўнг чўнтагидан иккита қутича чиқариб узатди: — Худойим ота юртимга боришни насиб қилган эди. Ўша ердаги заргарлик дўконига кириб тилло исирғаларга ҳушим кетди. Қизларимга, келинимга атаб олиб ташқари чиқдиму кўнглим бўлмай яна қайтдим. «Бахти кулганларга насиб этар», деган умидда яна икки жуфтини олдим. Уйга қайтиб суюнчли хабарни эшитдиму қанот чиқариб сиз томон учдим. Худонинг кўнглимга солганини қаранг, шу кунларда тўй қилишингиз менга номаълум эди. Айниқса бирданига икки келин туширишингизни қаранг! Шу исирғаларнинг эгаси, бахти кулган қизлар сизнинг келинларингиз экан. Оллоҳ муборак қилсин.

Саматохуннинг дуосидан сўнг Жамшид билан Абдусамад ўринларидан туриб, ташқарига чиқишди.
— Ҳа, охун, машқингиз сал пастроқми? — деди Асадбек, ҳоли қолишгач,
— Машқим жойида, Бек ака... — Саматохун Асадбекнинг синчков нигоҳига дош беролмай дастурхон устидаги пиёлага тикилди, — асли мақсад муборак бўлсин, деб кетиш эди. Бир гап бор-у, ҳозир ўрни эмас, тўйдан кейин бафуржа гаплашармиз.
— Гапираверинг, тўй ўтгунча қийналиб юрасизми.
— Унчалик муҳим гапмас эди...
— Чайналманг, сизга дадил гапириш ярашади.
— Гап шуки... балки бизларга нотўғри хабар етгандир... Сиз Ҳайдаржонга ваколатни сал каттароқ бериб юборганмишсизми?
— Ҳа, шунга яқин гап бўлди. Касаллик мени анча толдириб қўйди. Ҳайдар бегона одам эмас, ташвишланманг.
— Шунақа дейсиз-у, бегонадан ўзингники ёмон чақади.
— Сиз чақдириб юрманг-да. Уни бугун кўриб турибсизми, қилиқларини биласиз-ку?
— Қилиқларини билганим учун сизга ёриляпман. Асли... сизнинг ишингизга аралашиши номаъқул. Лекин... биродарлар билан бамаслаҳат илтимос қилишни лозим топдик. Биз бу шаҳарда сиздан бошқа одамни танимаймиз. Танишни истамаймиз.

Асадбек жавобга шошилмади. Кулимсираб қўйиб, чойдан ҳўплади.
— Чойдан ичинг, охун, сизни бу аҳволда кўрган одам Асадбекнинг жанозасида ўтирибдими, деб ўйлайди.
— Ҳай, ҳай! Совуқ нафас қилманг, Бек ака.
— Арзимаган пашшадай гап сизларга филдай ваҳимали бўлиб етиб борганга ўхшайди. Мен Ҳайдарни ҳаммаларингга бошлиқ қилиб қўйиб, ўзим қочворганим йўқ. Агар у ёқ-бу ёққа тоядиган бўлса, тўғирлаб қўйишга кучим етади.
— Шундай бўлгани дуруст. Бек ака, яна бир узрли илтимос бор.
— Сўрайверинг, бугун астойдил сўронғич бўлиб келганга ўхшайсиз, — деди Асадбек ҳазил оҳангда.
— Илтимос шуки, — деди Саматохун жилмайиб қўйиб, — тўйда дастурхон безашни, емоқ-ичмоқни бизга юкласангиз.
— Яхши-ку, — деди Асадбек кулиб. — Унда «мен тўй қилдим!» деб керилмасам ҳам бўлавераркан.
— Унақа эмас, Бек ака, ихлосимизнинг холислигини биласиз-ку?
— Биламан. Минг раҳмат сизга, охун, биродарларингизга ҳам раҳмат.
— Қизчангизнинг тўйида шунақа ният қилганимизда «бу ёқда ўғилларнинг тўйи бор», деб қайтарган эдингиз.
— Охун, ниятингиз яхши-ку... лекин топганимни тўйга ишлатмасам яна нимага сарф қиламан. Ҳаммаси бу қоринга сиғмайди-ку?

Саматохун учун шу гапнинг ўзи кифоя қилиб, узр сўради-да, дуо қилиб ўрнидан қўзғолди. Асадбек шу пайтгача қилмаган ишини қилиб, уни кўчага қадар кузатиб чиқмоқчи ҳам бўлди. Кейин «Бек акамиз отдан ҳам, эгардан ҳам тушиб, ўзимиз қатори бўлиб қолибдилар», деган хаёлга бормасин, деб уй остонасида хайр-лашиб қўя қолди.

2

Видеобар ниқобидаги идорага қаҳва сўраб кирган йигитнинг гаплари Бўтқага алмойи-алжойи туюлди. Асадбек эса ундан Козловнинг Томскда эканини, эрта-индин етиб бориши зарурлигини уқиб олди. Суратлардан бирининг ортидаги белгидан билдики, уни шу уйда кутишади. Бирданига Томскка отланиши Кесакполвонни, у орқали Хонгирейнинг тинчини олиши шубҳасиз, оқибатда кавлаб-кавлаб Козловнинг изига тушишларига имкон яралиши мумкин эди. Шунинг учун ҳам Суликонинг бобосини тўйга таклиф этиш баҳонасида Тблисига отланди. Москвага қўнғироқ қилиб мақсадини Иликога билдирган эди, у ҳам Тблисига келиб туришини айтди. Тблисида кутиб олажагини айтди.

Саматохун кетгач, Асадбек ўйлаб қўйган режаси бўйича Кесакполвоннинг уйига қўнғироқ қилди. Илгарилари аъёнида гапи бўлса шотирларидан бирига «Ҳайдар акангни топ», дерди вассалом. Ҳеч қачон унинг уйига қўнғироқ қилмас эди. Шу сабабли гўшакни кўтарган Кесакполвоннинг хотини аввалига уни танимади, кейин «Вой Бек ака, сизмидингиз?» деб ажабланди, сўнгроқ эса «ўзлари телпон қиляптилар-а, тинчликмикин?» деб ҳавотирланди. Асадбек унинг саломига алик олгач, Кесакполвоннинг бунақа пайтда уйида ўтирмаслигини билса ҳам:
— Эринг уйдами? — деб сўради.
— Вой, йўғидилар-а, — деди хотин ачиниш билан.
— Телпон қилиб қолса, ё келса айтиб қўй, мен бир жойга кетадиган бўлиб қолдим. Уйдан хабар олиб турсин, сенам келиб опангга қарашгин. Тўй яқинлашиб қолди-ю, қорангни кўрсатмайсанам. Сендақа сингилни бобовларга бериб юбориш керак, — Асадбек бу гапларни меҳрибон аканинг гинали оҳангида айтди. Бу билан собиқ аъёнининг оиласига қадрдонлиги сақланганини билдириб қўймоқчи эди. Унинг режаси жуда содда бўлишига қарамай, амалга ошиши ишончли эди. Яъни, меҳрибонлик билан айтилган гаплар хотинга мойдек ёқиб, эрийди. Бу меҳрибонликни икки-уч карра бўрттириб эрига таърифлайди. Сергак душмандан кўра ғафлатдагисини маъқул кўрувчи Асадбекка бу ҳам керак.

Бир оздан сўнг Жамшидни чақириб, сафарга кетаётганини билдирди.
— Бир ўзингизми ё Расул биланми? — ажабланиб сўради Жамшид.
— Бўтқа кузатиб қўяди. Сен уйдаги ишларга қараш, зийрак бўлгин.
— Ёлғиз бормасангиз бўларди.
— Тбилисида Илико кутиб олади, ёлғиз эмасман. Ҳа, айтмоқчи, сен Жалил акангга учрашгин. Муҳиддин акани олиб келинглар. Ота қадрдонимиз тўйга бош бўлиб турсинлар. Кейин Жалил аканг билан Самад бориб Абдураҳмон табибни тўйга айтиб келишсин. Тўй куни табибга мошина юборамиз.

Жамшид топшириқларни олаётганида мутелик ҳолатида турди. Бирон нарсани аниқлаштириш мақсадида қўшимча савол бермади. Асадбекка унинг айнан шу фазилати ёқарди. Чувринди ҳам шунақа эди. Ҳозир Жамшидга қараб аъёнини эслади-ю, юраги бир ўртанди. Айни дамда Жамшиднинг ўйчан боқишлари Чувриндининг қарашларига жуда-жуда ўхшашлигини кашф этди. Назарида аъёни бу дунёдан барвақат кетарини билиб, яхши фазилатларини унга сингдиргандай эди. Балки... ўшанда «мендан кейин Бек акамга хизмат қилади», деб ўлимдан олиб қолдимикин?..

Асадбек шуларни хаёлидан ўтказиб, ўзича «Худо асрайман, деса мендақадан мингтаси даф қилсин, ҳеч қанақа бало урмайди. Худо менинг раҳмимни еб бунинг жонини сақлаб қолган экан. Бунинг жонига қўшиб мени катта гуноҳдан ҳам асрабди...» деб қўйди.
— Ўтир, нимага тикка турибсан? — деди Асадбек, меҳрибонлик билан.
— Агар хизмат бўлмаса, бора қолсам... Қози билан учрашадиган ваъдам бор эди.
— Қози билан анча чиқишиб қолдиларингми?
— Эски қадрдонлармиз-ку?
— Қанақасига?
— Бирга ўтирганмиз.
— Эсимда йўқ экан. Ҳайдар аканг топган майда ўғрилардан, деб юрарканман. Нимага қамалган?
— Ўзининг айтишича, ҳазиллашиб туриб, ўртоғини сувга итариб юборган экан. Мен чиқадиган пайтимда битта болани ҳазиллашиб сўйиб қўювди. Шунақа ҳазиллари бор. Уни Ҳайдар акамга мен рўпара қилувдим.
— Эҳтиёт бўл, яна сенга ҳам ҳазил қилиб қўймасин.
— Бек ака, Селим қайтиб келибди.
— Ким дединг? Селимми? Фарғонадаги анави турк-ми? Нимага қайтибди? Ҳозир қаерда? Фарғонадами?
— Йўқ, шу ерда? Ҳайдар акам билан олди-бердиси борга ўхшайди.
— Унинг олди-бердиси нималигини биласанми?
— Сал-пал биламан.
— Билсанг, уни назардан қочирма. У ўзича қайтиб келолмасди. Балки... Хонгирей юборгандир? — Асадбек саволни ўртага ташлади-ю, Жамшиддан жавоб кутмай унга ижозат берди: — Сен боравер, чойхонада Ҳайдар акангни кўрсанг, кетаётганимни айтиб қўй. Яна жазавага тушиб қолмасин.

Кесакполвон бу пайтда Асадбекнинг кетаётганини Бўтқадан эшитиб улгурган эди. У «нега менга айтмай кетяпти, тўй қилаётган одамга Тбилисида нима бор экан? Майли, индамай турай-чи, борса бориб келсин», деб ўзича аразлагандай бўлди. Лекин бу араз узоққа чўзилмади, индамай туролмади. Ичини қизиқиш ўти куйдириб Асадбекникига ошиқди. У дарвозахонада Жамшидга рўпара келиб:
— Акахонинг уйдами? — деб сўради.
— Уйдалар, — деди Жамшид.
— У ёқ-бу ёққа кетвормадими?

Жамшид бу савол замирида заҳар яширинганини фаҳмлаб:
— Ҳозир сизга хабар бергани кетаётувдим, — деди.

Кесакполвон Жамшидга ўқрайиб қараб, сўкинди. Бу сўкиниш Кесакполвон тилидан ўзимизнинг сўзлашув тилимизга ўгирилса тахминан «Бу хабарингни энди бир нарсага қўшиб пишириб е!» деган «ширин» маъно келиб чиқади. Жамшид Ҳайдар акасининг тилини таржимасиз ҳам яхши тушунгани учун «илтифотингиз учун раҳмат», дегандай ўнг қўлини қорни устига қўйиб жойида қотиб тураверди.

Кесакполвон Асадбек ўтирган уйга кириб саломлашгач, тўрдан, дераза томондан жой олди.
— Ҳа, баҳай? — деди у фотиҳа қилишни ҳам унутиб. — Саёҳатчи қурбақага ўхшаб жойингда ўтиролмай қолдингми?

Бу гап Асадбекка ёқмай, юзи учди. Кесакполвон илгарилари ҳам шунга ўхшаш қуюшқонга сиғмайдиган гапларни айтиб турарди. Лекин унда Асадбек — хўжа-йин, илтифот қилиб Кесакполвон — хизматкорининг бу қилиғини кечирарди. Агар бу гап ўша дамларда айтилса Асадбек «Атрофимда шиллиққуртлар ғашимга тегди, бир айланиб келай», деганга ўхшаш илмоқли жавобни ҳаяллатмасди. Ҳозир бундай дегиси келмади. Қурбақага ўхшатилганидан оғринса-да, аламини ичига ютиб, Тбилисига қандай мақсадда кетаётганини айтди.
— Телеграмма бериб қўя қолмайсанми? — деди Кесакполвон.
— Биласан-ку, грузинлар нозик бўлишади. Айниқса оқсоқол жуда иззатталаб. Зайнабнинг тўйида хафа бўлган эди. Бу сафар ҳам бориб айтмасам «Ўзбеклар оқибатсиз экан», деб юради.
— Шунақа дардинг бор экан, олдин менга айтмайсанми?
— Сени телефонда қидиравериб қўлларим қавариб кетди-ку. Хотинингдан сўраб кўр-чи? Таъбинг жуда нозик бўлиб кетибдими, а?
— Гап унда эмас, бир бўтқа билган нарсани мен билмай лаллайиб ўтирсам алам қиларкан.
— Алам қилмасин, майда-чуйда ишларни сенга айтмасам дарров жириллама.

Бу танбеҳдан сўнг Кесакполвоннинг ҳовури сал босилди. Бўтқа келгач, Асадбекнинг эътирозига қарамай кузатгани чиқди.

3

Тбилисида учоқдан тушган Асадбекни бу ерларда «Анаконда» лақаби билан донг таратган Анзор кутиб олди.

Асадбек дастлаб Гуржистонга келганида Сулико уни ўғрилар оламида танила бошлаган дўсти Анзор билан таништирган эди. У дамларда Асадбекка «ўқилон» деган лақаб берилмаган, Анзор эса «Анаконда» сифатида қулоч ёймаган эди. Шундай бўлса-да, Асадбек отасини минг тўққиз юз қирқ тўққизинчи йилнинг сўнгги кунида уйдан олиб чиқиб кетганлардан бирининг изини Еревандан топгач, ҳукмни ижро этишда айнан шу Анзор ёрдам берган эди. Суликонинг хотинини қиморда ютиб олган бу ўзбек йигитнинг мардлиги Анзорни ҳам қойил қолдириб, «Сен фахрий грузинсан!» деган эди. Ўшанда ҳаяжон билан айтиб юборилган бу гап Асадбек учун унвон бўлиб қолди.

Зинадан тушиб Анзор билан қучоқлашиб кўришаёт-ган Асадбекнинг кўзлари Иликони қидирди. Буни сезган Анзор «Илико шу ерда», деб уни тинчлантирди.

Улар учоқдан юз қадамча нарида турган, ойнаклари қорайтирилган оқ «Мерседес» томон юрдилар. Машина эшиги очилгач, орқа ўриндиқда ўтирган Илико кўринди. «Бу ҳам ўзининг соясидан қўрқиб қолганми?» Асадбек кўнглидан шу гапни ўтказиб, Иликонинг ёнидан жой олди.
— Бек оға, тушиб кутиб олмаганим учун ранжима. Бу атрофларда бизни бирга кўрмай турганлари маъ-қул, — деди Илико сўрашиб бўлгач.

Анзор «Мерседес»га ўтирмади. У орқадаги машинада етиб борадими ё Тбилисида қоладими, Асадбек суриштирмади.

То шаҳардан чиққунларига қадар икковлари учун ҳам аҳамиятсиз бўлган гаплардан гаплашдилар. Одатда ҳамсафарлар жим кетмаслик учун нималарнидир гапириб кетадилар. Шу «нималарнидир»га об-ҳавонинг ўзгариши ҳам, Канададаги автобус ҳалокати ҳам, Везувий вулқонининг уйғониши ҳам киради. Бунақа пайтда «Тбилисидаги бозорда олма нархининг ошишига Везувий вулқонининг нима даҳли бор?» деб сўраб ўтирилмайди. Асадбек билан Иликонинг суҳбатлари ҳам шунга ўхшаш бўлди.

Тоғнинг илон изи йўлларидан боришаётганда Илико:
— Тўйингни сал орқага сурсанг бўларди, сенинг баҳонангда мен ҳам бобомнинг ёнида қолиб, озгина дам олардим. Бобомга анча далда бўлардик. Ҳозир унга қийин, — деди. Сўнг хўрсинди-да, қўшиб қўйди: — Жуда қийин.
— Қолишнинг ҳеч иложи йўқ. Бугуноқ Томскка учишим керак, — деди Асадбек.
— У ерда нима қилмоқчисан? — деб ажабланди Илико.
— Козлов ўша ерда эмиш.
— Томскдами? — Илико бошидаги новвотранг шляпасини қўлига олиб, худди чангини қоққандай бир-икки чертиб қўйди. — Ўзим ҳам шунақадир деб ўйловдим. Демак, Балабуханинг ёнида экан-да?

Асадбек фақат Томскни эмас, балки унинг атрофидагиларни ҳам бир сўзи билан ётқизиб-турғизишга қодир Балабуха деган одам борлигини эшитган, аммо ўзини кўрмаган эди. Унинг таърифидаги гаплар миш-мишми ёки ҳақиқат эканини ҳам аниқ билмасди. Козлов бу кунларда айнан унинг паноҳидами ёки бошқа бировнингми — буни ҳам аниқ айтолмаслиги сабабли:
— Билмадим, балки ёнидадир? — деб мужмал жавоб берди.
— Ҳа, ўша ерда, — деди Илико ишонч билан, — уни Балабухадан бошқаси ҳимоя қила олмайди. Суликонинг ўлимидан сал олдин Хонгирей зўрларнинг зўрини тўплаб, Шаховскийдаги боғида зиёфат берувди. Шу зиёфат баҳонасида Козлов билан сенинг ўйиндан чиқишингга рухсат олди. Балабуха Козловни ҳимоя қилди. Лекин «унга тегма!» деб қаттиқ талаб қилмаганига ҳайрон бўлувдим. Ўзининг бир режаси бордир. Билиб қўй: зиёфатда ҳеч ким сенинг ёнингни олмади. Мен ҳам индамадим.
— Индаганингнинг фойдаси бўлармиди? — деди Асадбек. — У ерда асосан ўғрилар йиғилишгандир. Улар қиморвозларни ёмон кўришади.
— Буни ўзинг тўғри тушунасан. У ерда гап талашишнинг мутлақо фойдаси йўқ эди. Биз ишимизни билиб қилаверамиз. Хонгирейнинг тақдири битта — мағлуб бўлиш. Тақдиридаги охирги сўзни биз ёзамиз. Ишончинг комил бўлаверсин.
— Суликонинг ўлимида унинг қўли борлиги исботландими?
— Менга исбот керак эмас. Мен ўзим ишонаман, шунинг ўзи етарли. Хонгирей «қиморбозларга тегмайман», деб сўз берган эди. У кавказлик эркак эмас, аллақаёқлик қанжиқ! У ваъдасини бузди — Тинян қиморбозни босибди. Тинян қиморбознинг Сулико билан шерикчилиги бор эди. Хонгирей буни биларди. Билиб туриб атай босган. Менинг ғашимга тегмоқчи бўлган. Сулико эса мендан аввалроқ уни кўпчиликнинг орасида қаттиқ сўккан. Суликони худди ўша кечаси ўлдириб кетишган. Сенга яна қандай исбот керак?
— Илико... — Асадбек айтар сўзларини яна бир ўйлаб олгач, гап бошлади: — Икковинг ҳам Москва учун бегона одамсанлар. Бир-бирингга тиш қайрасаларинг славянлар сенларни чайнамай ютишади.
— Бу сенинг гапинг эмас, Бек. Бу — Хонгирейнинг фалсафаси. Менга ҳам айтган буни. Бунда иккита хатолик бор: Хонгирей ҳеч қачон менга эл бўлмайди. Унинг тили бошқа, қалби бошқа. Грузинлар бунақаларни одам ўрнида кўрмайди. Иккинчи хато: Мен Москвага бегона эмасман, хўжайинман. Мен нима истасам шу бўлади. Руслар Кавказни уруш билан олишган эди, биз унинг пойтахтига урушсиз эга чиққанмиз. Шунинг учун сен бизнинг тақдиримиздан ташвишланма.

Москвадаги учрашувларида ҳам Илико Хонгирей билан ҳисоб-китоб қилажагини айтган эди. Ҳозир ҳам такрорлади. Асадбек бу гапдан кейин ўзини кўчада калтак еб акасига арз қилиб келган мишиқи бола ҳолатида кўриб, ғашланди. Чунки у Хонгирей «четга чиқ» дегани билан бир зумдаёқ тобега айланиб қолмаган, фурсати келишини кутиб озгина чекинган эди халос. Энг муҳими — Иликога «қасдимни олиб бер» демовди, ўла қолса ҳам бундай демасди. «Менинг ташвишимда юргани йўқдир. Акаси учун қасос олмагунича тинчимайди. «Қонга — қон, жонга — жон!» дедими, вассалом... Унинг дарди меникидан оғирроқ... Мен қўлимдан кетганини эртага қайтариб оламан. Бунинг йўқотгани эса қайтмайди...» — Асадбек ўзини шу гаплар билан овутган бўлди.

Тоғли қишлоққа нонушта маҳали етиб келишди. Бу томонларда ҳали қор эриб улгурмаган, айниқса мағрур чўққилар оқ папоқ кийган мўйсафидлар сингари гўё мудрарди.

Иликонинг бобоси худди уларни кутаётгандай айвон устунига суянганича йўлга тикилиб турарди. Аввал набирасини, сўнг меҳмонни кўргач ҳам юзида қувонч нишонаси сезилмади, ғамгин қиёфаси ўзгармади.

Орқадаги машинада етиб келган Анзор чол билан кўришгач, ёрдамчи йигитлари билан бирга дастурхон тузашга киришди. Чол уларнинг ҳаракатларига монелик қилмай, заранг ҳассасини қўлдан қўймасдан ҳовлига тушди. Асадбек унга эргашиб, ҳол-аҳвол сўради. Чол унга жавобан «Худога шукр», деб қалин соқолини тутумлаб қўйди. Асадбек «чол яна бирон гап айтармикин», деб кутди. Лекин чол «ўзинг яхши юрибсанми?» деб ҳам сўрамади. Шунда Асадбек ўзбекларга хос тарзда «Ошнамни бериб қўйибсизлар», деди. Бу гапдан ке-йин чол ёнида турган меҳмонга қаради. Асадбек ҳамиша чақнаб турувчи нигоҳ ўрнига ботиқ, нурсиз кўзларни кўриб, юраги ғалати бўлиб кетди. Чолга яна бир нима деб тасалли бермоқни истади, лекин шунга лойиқ гап келмади тилига.
— Анави чўққини кўряпсанми? — деди чол бир озлик сукутдан сўнг. — Чўққи ёлғиз, мен ҳам ёлғизман. Чўққи мендан олдин ҳам бор эди, мендан кейин ҳам яшайди. Чўққи бехато яшайди, мен эсам хатою гуноҳларга бойиб умр кечирдим. Вано ўғлим урушга кетатуриб икки ўғлини менга ишониб топширган эди. Мен ўғлимнинг омонатига хиёнат қилдим... Суликони асраб қололмадим...

Чол шундай деб йўлга қаради.

Бу тун туш кўриб эди: ўзи айвонда турган эмиш. Йўлдан эса ўғли Вано билан набираси Сулико югуриб келаётганмиш. «Ота, сиз Суликони йўқотиб эдингиз, мен уни топдим!» деб қувонармиш Вано. Фақат Сулико эллик ёшдаги одам эмас, балки уч ёшли гўдак эмиш... Отаси урушга кетганда шу ёшда эди Сулико... Қуш қанотларини ёйгани мисол чол қучоғини очиб уларга пешвоз чиқди. Улар эса чекиндилар, чекиндилар, сўнг қора нуқтага айландилар...

Ярим тунда нафаси бўғилиб уйғонганича чол бедор эди. Сулико билан Илико боболарини ёлғиз қолдирмай, ўзлари билан бирга яшашга кўндира олишмади. Кутаисида туришганда чол розилик бергандай бўлди, аммо шаҳарда икки кунга ҳам чидай олмади. Қишлоқдаги қабристонда ётган аждодларини, хотинини, набираларининг онаси бўлмиш келинини ёлғиз қолдиролмаслигини айтгач, Сулико ҳам, Илико ҳам ноилож қолишди, боболарини шаҳарга кўчириш ҳақида бошқа сўз очишмади.

Чол четан девор билан ўралган ҳовлисига тақалган йўл томон бир-икки қадам қўйиб, тўхтади. Кейин яна чўққига тикилганича, худди ўзига ўзи гапиргандай деди:
— «Унинг иссиқ кўз ёшларин ҳайвонлар ялар йўлда,

Олов эса тўхтамайин авж олади кўнгилда...»

Чол яна сукут қилди-да, сўнг Асадбекка қараб «Бу— Руставели!» деб қўйди. Кейин унинг билагидан ушлади.
— Илико «акам касалдан ўлди», дейди, мен бу гапга ишонмайман. Бизнинг уруғдаги эркакларнинг ҳеч қайсиси эллик ёшида касаллик билан ўлмаган. Тўсатдан ҳам жон бермаган. Ўлим билан олиша-олиша ке-йин ўлишган. Айб менда... Мен буларни шаҳарга қўйвормаслигим керак эди. Буларни шаҳарга бойлик ишқи чақирган, деб юрсам ўлим етаклаб кетган экан. Сен грузинмисан, ўзбекмисан, мусулмонмисан ё насрониймисан — фарқи йўқ, бойликка қўйилган кўнгилнинг оқибат иши шу бўлади. Мана бу тош кулбага қара: ота-боболарим шу уйда туғилишиб, шунда яшашган, менинг киндик қоним ҳам шунда тўкилди. Вано ҳам, унинг ўғиллари ҳам шу уйда туғилганлар. Биз сиққан бу уйга нима учун Сулико билан Илико сиғишмайди?— Чол «мен савол бердим, сен жавоб қайтармайсанми?» дегандай тин олди. Бу саволга чолнинг ўзи ҳам жавоб топа олмагач, Асадбек нима десин? Алҳол чол меҳмондан сўз кутмаётган, ичидаги ғалаённи босмоққа уринаётган эди. — Бир одамнинг яшаши учун нима керак? Оз, жуда оз нарса керак. Сен буларнинг Кутаисидаги уйларини кўргансан. Мана шу тоғларни уч хонали уйга алмашишди-я! Ўша уйларга қалаштирган лаш-лушларини мана бу арчалардан афзал кўришди. Мен уларнинг қалбларига бойлик уруғини экмаган эдим, билмадим, бойликка қандай ишқлари тушди? Мен қачондир ғафлатда қолганман. Ҳа, ғафлатдан бўлди бу, — чол чуқур хўрсинди. — Ҳазрат Ийсо дейдики, «Денгиз тўлқини устига ким уй қура олади? Бу дунё ҳаёти шунинг ўзидир? Уни абадий қароргоҳ қиламан, деб ўйламанг». Сулико шундай ўйлаган эди. Иликонинг фикри ҳам шу. Сен уларнинг дўстисан, демак, сенинг туруш-турмушинг ҳам шу. Қароргоҳларинг чўкажагини билмайсанларми?

Чол «бу саволимга жавоб бермоққа мажбурсан!» дегандай Асадбекка тикилди. У илгари ҳам кўп гапирарди. Доно гапларни бир-бирига улаб кетишга уста эди. Ўртага савол ташлаб, жавобни бегона қилмас эди. Донолигидан ўзи ҳам завқланарди, кўзларида олов ёнар-ди. Ҳозир завқ ҳам, олов ҳам йўқ. Синиқлик бор. Асадбек «Суликонинг ўлими оқсоқолни синдирибди», деб ўйлади, унинг атрофида соядек илашиб юрган ўлим шарпасини эса сезмади.
— Қароргоҳларинг чўкишини билмайсанми? — деб саволини такрорлади чол.

Асадбек, унинг нигоҳига дош беролмай, кўзларини олиб қочди.

Қароргоҳи чўкажагини нега билмасин, билади. Фақат қаерда, қачон чўкишигина унга номаълум холос. Оқибат чўкишини билса-да, «балки омон қоларман», деб умид қилаверади.

Чол саволини такрорлаганда Асадбек Муҳиддин отанинг овозини эшитгандай бўлди. Йўқ, овоз уники эмас, отасиники эди... Агар бир мўъжиза бўлиб, отаси тирилиб келса, шундай деб сўрарди... Шуни ўйлаб Асадбекнинг вужудини енгил титроқ кесиб ўтди.

Чол астойдил жавоб кутаётган эди.
— Чўкиш ҳар бир одамнинг пешонасида бор, — деди Асадбек ҳорғин ҳолда.
— Барча бир хилда чўкмайди. Суликонинг чўкиши бошқача бўлди-ку? Иликога айт, энди эсини йиғиб олсин. «Эй Мусо, охиратингни унутадиган тарзда дунё севгисига майл этма. Агар ҳузуримга дунё севгиси билан келадиган бўлсанг, бундан ҳам каттароқ гуноҳинг бўлмайди!» Бу кимнинг гапи биласанми?

Чол шоирдан мисол келтиришни яхши кўргани учун:
— Руставелими? — деди.

Бу жавобни эшитган чол ғазабланиб, хассасини ерга зарб билан урди-да:
— Аҳмоқ! — деди. Сўнг ўзининг тилида нимадир деб ғудуранди. Кейин бир оз юмшаган тарзда давом этди: — Бунчалар аҳмоқ бўлмасаларинг. Ахир бу Худонинг ҳазрат Мусога буйруғи-ку!? Эшит: Худо ваҳий йўли билан ҳазрат Мусога яна шундай хитоб қилади: «Эй Мусо! Золимларга хос дунё ҳаётининг сенга нима кераги бор? Золимларга ўхшаб яшаш сенга ярашмайди. Улардек яшаш фикрини хаёлингдан чиқариб от! Ақ-лингни ишлатиб, бундай яшашдан қоч! Золимлик билан ўтказилган бу дунё ҳаёти нақадар тубан! Гўзал амаллар билан ўтказилган дунё ҳаёти эса нақадар гўзал!» — Бу гапларга диққат қиляпсанми? Яна Худо дейдики: «Мен мазлумнинг ҳаққини золимдан олиб бериш учун бу золимни қадам-бақадам кузатаман... «Англадингми? Золимларга ўхшаб яшаш фикрини хаёлдан чиқариб отиш керак. Худо яҳудийга ҳам, насроний, мусулмонга ҳам, ҳатто бутпарастга ҳам шундай буюрди. Ўзинг англаган бўлсанг, Иликога ҳам англат. Мен энди тушунтирмоққа ожизман. — Чол шундай деб оҳисталик билан қадам ташлади. Асадбек ундан ортда қолмай ёнида борди. Ўттиз қадамлар юрилгач, чол тўхтади. Кейин ўгирилиб, изига қайта бошлади. Шундагина Асадбекдан ҳол-аҳвол сўради. Асадбек фурсатдан фойдаланиб уни тўйга таклиф қилиш мақсадида атайин келганини билдирди. Чол таклифдан қувонгандай бўлиб, жилмайди:
— Мен ўғилларингга энг яхши тулпорлардан совға қиламан.
— Ўзингиз борсангиз, бизга энг улуғ совға шу бўлади, — деди Асадбек.
— Йўқ! — деди чол қайсарлик билан: — Эр йигитга от керак, ханжар керак, папоқ керак, бўрк керак! Ўғилларинг мен каби узоқ умр кўрсинлар, мен каби ҳалол яшасинлар, аммо фарзанд ҳажридан йироқ бўлсинлар, англадингми?

Дастурхон атрофида узоқ ўтирмадилар. Асадбек Томскка учиши шарт эканини эслатгач, Илико унга ижозат берди. Ўзи эса бобоси билан қолди. Асадбекнинг Тблисига келишидан мақсади фақат тўйга таклиф қилиш эмас, балки Томскка бориш йўлидаги бир ниқоб эканини англаган Илико «Қайтишингда Анзорнинг ўзи кутиб олиб, кузатади. Мен эрталаб Москвада бўлишим керак», деб узр сўради. Асадбекнинг нияти ҳам Тбилиси орқали қайтиш эди. Бироқ, вазият уйига Москва орқали қайтишга мажбур этди.

II- qism
 



  1. Ҳазрат Алишер Навоийдан. Мазмуни: Ёр фироғи жонимга кўп қасд этти, айрилиқ ўқи эса танимни нишон этти. Агар фалак менинг ҳукмимга бўйсунса эди, ўша Ойни менга ё мени унга еткурса эди.