OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

5 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифТоҳир Малик
Асар номиШайтанат (IV- китоб, III- қисм)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Тоҳир Малик
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Китоблар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм425KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/12/05
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Шайтанат (IV- китоб, III- қисм)
Тоҳир Малик

XVII боб

1

Одам туғилиши билан яшай бошлайдими?

Бу савол ҳар бир инсон боласига бемаъни туюлиши табиий. Одам яшамоқ учун бу дунёга келади, деган ожиз ҳақиқат барчанинг онгидан муқим ўрин олган. Айрим олимларнинг айтишича, чақалоқ туғилиши ҳамон «Ана энди ўладиган бўлдим», деб йиғлар эмиш. Агар бунга ишонилса, одам боласи туғилиши билан ўлими онларини кутиш навбатига туради. Асли бу ёруғ дунё Азроил дўкони эшигига тизилган навбат занжиридан иборат. Ажабки, ўлим навбатида туриб ҳам баъзилар бошқаларни ўлдиришни истайдилар. Тирикликларида бировларни оёқости қилиб, ўлганларида ўзларининг оёқости бўлмакларини гўё билмагандай юрадилар. Азроилнинг дўкони кўзга ташланиб, навбат етгач эса қочмоққа гўр ҳам тополмай қоладилар.

Хонгирей айни шу тоифадан эди.

Бир куни Жалил Асадбекка заҳарли сўз нишларини санча туриб: «Агар оламнинг куни сенларга топширилса, ер юзида ҳалоллик ҳам, вафо ҳам, меҳр-оқибат ҳам қолмайди. Сенлар куртак очган ниҳолни синдириб ташлашдан, бойчечакми ё полапонларними аямай топташдан тоймайсанлар. Ҳатто бир-бировингни аямай янчасанлар. Сенларнинг ҳузур-ҳаловатларинг шу янчишдан. Нима учун Ҳайдар кессагинг билан дўстсан, айтайми? Икковингнинг ҳалқуминг бир, нафсинг бир», деган, Асадбек бу ҳақиқатга қарши жўяли жавоб қайтара олмаган эди.

Агар Жалил Хонгирейни таниса, қилмишларидан хабар топса унга ҳам айни шу гапларни айтиб, балки ундан «Дунё ўзи янчиш учун яралган, сенинг узилиб тушган хазондай ҳам қадринг йўқ», деган жавобни эшитармиди...

Хонгирейнинг туриш-турмуши фақат янчишдан, ўлимга ҳукм этишдан иборатдир, дейиш ҳам инсофдан эмас. Бир куни Зелихон унга «Одам ўлдириш бўйича чемпион бўлмоқчимисан, сал орқа-олдингга қараб фикр қил», деб танбеҳ берганида у «Мен душманларимни ўлдиряпман, душманларим кўп бўлса мен айбдорманми?» деб ўзини оқлаган эди.

Отасини ерга топшириб қайтгач, ўлимга ҳукм этилувчи одамнинг унга душманлиги йўқ, аксинча садоқати мавжуд эди. Аниқроқ айтилса, тасодиф билан қўлга тушиб қолган йигитини қамоқдан қочишига ўзи ёрдам берган эди. Хонгирейни кутиб олган Маматбей қамоқдан қочган йигитнинг Москвага етиб келганини айтиб, «хабарнинг чаласи бор, уни ҳам айтаверайми?» дегандай унга қараб қолди.
— Яна нима дардинг бор, гапир, — деди Хонгирей.
— У бир ўзи қочмабди, шериги бор, — деди Маматбей.
— Ким?
— Танимайсиз, мен ҳам танимайман.
— Ким деяпман?! — Бу сафар Хонгирей зарда билан сўради.
— Ментлардан экан.
— Нима билан ўтирибди?
— Зўрлаш.
— Шу ёққа бошлаб келибдими?
— Йўқ. Бирга қочиб чиқишгану Тюменда ажралишган.

Хонгирей унга қовоқ уюб қаради-ю, бошқа гап айт-мади. Идорага келишганда Маматбей узилиб қолган суҳбатни давом эттирди:
— Айтишича, мент яхши йигитга ўхшайди. Хизматга олсак ҳам бўлармиш.
— Шунақами? — Хонгирей сигарет тутунини юқорига қараб пуфлади-да, кулини ёнида ўтирган Маматбейнинг тиззасига қоқди. Хўжайинининг кайфияти бузилганини сезган Маматбей кулни қоқишга шошилмади. Тағин ҳам Хонгирей ҳозир унга нисбатан марҳамат қилди. Агар сигарет чўғини юзига босганида ҳам Маматбей чурқ этмасдан ўтирган бўларди.
— Демак, хизматга оладиган бўлиб қолибсанлар-да, а? — деди Хонгирей, — Балки унга тож ҳам кийдириб қўйгандирсан?
— Мен унақа демадим, — Маматбей ўзини оқламоқчи бўлди.
— Ақлинг занглабди, — деди Хонгирей, — у аҳмоқ сенга тавсия этибди, сен аҳмоқ эса бир шилта ментни хизматга олиш мумкин, деб ўтирибсанми? Қачондан бери ментларни хизматга оладиган бўлиб қолдик?
— Ахир...
— Нима, «ахир»? Гапир!
— Ментлар хизматимизни қилишади-ку?
— Ростданам ақлинг занглабди. Ментлар бизга хизмат қилишмайди, мен уларни хизмат қилдираман. Фар-қи борми? Сен хизматга лойиқ кўраётган мент қамалмасдан аввал нега келмади? Қамалиб, шилтаси чиқиб кетгандан кейин ақли кирибдими? Сен шунга ишон-япсанми? Ичимизга кириб олиш учун қилинаётган найранг бўлса-чи?
— Мен ҳам шуни ўйладим.
— Ўйлаганинг йўқ, ўйлаганингда менга айтмас эдинг. МУР[1]даги Рушайло хизматимизни қиладиган бўлди, десанг ишонардим ўйлаб иш қилишингга, — Хонгирей шундай деб мулозимининг тиззасига яна сигарет кулини тўкди.

Маматбей хўжайинининг ҳовури пасайишини кутгандай сабр қилиб, сўнг сўради:
— Бола нима қилсин?
— Мент билан бирга бўлганнинг қисмати бир: энди унинг яшашга ҳаққи йўқ.
— Балки...
— Нима, «балки»? Қонунни ўзгартирмоқчимисан? Гапир!
— Қонун ўзгармайди. Жойига қайтариб қўя қолайлик. Тинчиса ўша ерда тинчийди. Лагер телетайпига қўямиз.
— Мужмаллик қилма.
— Красноярдаги иш яхши бўлди. Лекин у ердагиларга яна битта ваъдамиз бор.
— Қанақа ваъда?
— Биз уларга иккита курер рўпара қилишимиз керак эди.
— Буни биламан. Лекин кетма-кет юборилади, де-йилмаган. Орада ўзимиз ҳам иш қилиб олишимиз керак.
— Ишни бошладик. Ҳозир Красноярда бизга ҳеч қандай қаршилик йўқ. Ментлар ваъдада туришибди.
— Уларга қаттиқ ишонворма. Эҳтиёт бўл. Молни фақат Ҳайдар орқали юбор. Кетса ўша кетсин, бу томонларга кавлаб келишмасин. Ҳайдарнинг юриш-туриши қанақа?
— Сиз ўйлагандай. Селимга тоқати йўқ, лекин сир бой бермаяпти. Фақат... Асадбек билан муносабатига тушуниш қийин. Асадбекнинг осонгина четга чиқиши менга ёқмаяпти.
— Бек ақлли одам, ўғилларини ўйлайди, болаларининг гаровда эканини яхши билади. Лекин... пайт пойлайди. Индамай кетаверса мен уни ақлли демас эдим. Лекин... ақлли одамнинг узоқ яшаши ҳам дуруст эмас. Шуни Ҳайдарга яхшилаб тушунтириб қўй. Бу ёғини ўзи эпласин, эплолмаса Селимга қўйиб берсин, унга шундай де, — Хонгирей сигарет қолдиғини унга узатди-да, ўрнидан туриб керишди.

Маматбей тиззасидаги кулни эҳтиётлик билан кафтига олиб кулдонга ташлади.
— Ҳайдар таъзияга келмоқчи эди, жойингда ўтиравер, дедим. Фотиҳага келиб-кетишмаса тинчишмайди, уларнинг одати шунақа.
— Одатини уйида қилаверсин. Айтиб қўй: бу томонларда умуман ўралашмасин. Керак бўлса ўзим чақираман. Сен эса бугун мени Марказий банкдаги одам билан учраштирасан. Ишни чўзиб юборди. Уни «Лебединая песня»га олиб бор.
— У ер унча тўғри келмас дейман. «Пекин»[2]га та-йинлаб қўйсак-чи?
— Йўқ. Бегона кўзлардан холироқ бўлсин.

Маматбей бошқа эътироз билдирмади. Телефонда ким биландир гаплашди-да, Хонгирейга қараб елка қисди.
— Бугун иложи йўқ экан, хотинининг туғилган куни эмиш.
— Шунақами? — Хонгирейнинг кўзларида чўғ ялтиллади. — Қаерда нишонлар экан, билчи, балки бизни ҳам таклиф қилар, а? Шундай тантанадан қуруқ қолмайлик.

Маматбей хўжайинининг хаёлида бир режа туғилганини фаҳмлади.

Хонгирей кейинги пайтларда омади юришаётганидан қувониб, қадамни янада каттароқ ташлашни мўлжаллаётган эди. Хонгирей «Шахсий банк очмоқчиман, номи «Гирей хон» бўлади», деганида Маматбей «Княз, банк ишончсиз нарса», деб ажабланган эди. Банкнинг ишончсиз экани Хонгирейнинг ўзига ҳам яхши маълум. Шу пайтга қадар омонат кассага сариқ чақа ҳам қўймаган. Чангалига тушган одамларнинг уйидан жамғарма дафтарчаларини олганда уларнинг лақмалигидан куларди. Ярим йилча муқаддам бир иқтисодчи банкдан олиниши мумкин бўлган фойданинг миқдорини айтганда Хонгирей бу ишга қизиқиб қолди. Мўлжалича, узоғи билан икки ой ичида ҳал этилиши лозим бўлган ишнинг ярим йилга чўзилишига бошқа тоқат қилолмади. Айниқса ҳар бир ҳужжатдаги имзо учун ҳақ тўлаш унинг иззат-нафсига тегарди. «Куч билан битадиган иш учун ҳақ тўлаш аҳмоқликдир», деб сўкинарди. Сўкинарди-ю, куч ҳамиша ҳам натижа беравермаслигига ақли етиб, ўзини тиярди. Оқим асосий тўғонлардан бирига келиб тўхтаганда унинг тоқати тоқ бўлди. Маматбей хўжайинининг калласига қандай шумлик келганини билмасди, билганида ҳам тўхтатишга қурби етмасди. Чунки Хонгирей худди Ҳосилбойвачча каби ёнидагилардан маслаҳат сўрарди-ю, лекин ўз билганидан қолмас эди. Байгилдин — устоз, Маматбей — яқин ёрдамчи ҳисобланганлари билан вазифалари буйруқни бажариш, амрга сўзсиз итоат этишдан иборат эканини яхши билардилар.

Маматбей хўжайинининг амри билан туғилган кун нишонланадиган жойни аниқлагач, белгиланган вақтдан ярим соат аввал «Прага» ресторанига келдилар. Хонгирей йигирма кишига мўлжалланган дастурхонга кўз югуртириб, яна ўн стул қўйишни, дастурхон устини янада тўкинроқ безашни буюрди.
— Ҳа, гапимга тушунмадингми? — деди Хонгирей буйруқни бажаришга шошилмаётган ресторан хўжайинига қараб.
— Тушундим, — деди ресторан хўжайини, — лекин... эгалари норози бўлишармикин?
— Эгалари деганинг банкдагиларми?
— Улар меҳмонлар. Дастурхонни «Орхидея» буюрган. — Ресторан, хўжайини «шуни ҳам билмайсизми?» дегандай қараб олди. Хонгирей ўз навбатида худди шу савол назари билан Маматбейга қаради. Маматбей «хабарим йўқ эди», деган маънода елкасини қисди.

Темир буюмлар сотиш билан шуғулланадиган бу фирма Хонгирейга маълум эди. Бугай лақабли ўғрибоши касбини ўзгартириб, савдо фирмаси ташкил этаётганида Хонгирейнинг маслаҳатини, аниқроқ айтилса, розилигини олган эди. Тўда кичикроқ, кучсизроқ бўлгани сабабли Хонгирей уларга тўсиқ ясамади. «Прага» ресторани кўп йиллардан бери Бугай ихтиёрида экани, унга чўтал тўлаб туришини ҳам яхши биларди. Маматбей туғилган кун «Прага»да нишонланишини айтганда «бу тасодифми ё Бугай билан алоқаси борми буларнинг» деб ўйлаганди. Ресторан хўжайинининг гапидан кейин буйруғини бекор қилиб, ўзи учун ҳозирлаб қўйилган жойга бориб ўтирди.
— Бугайнинг булар билан қандай олди-бердиси бор?— деди Хонгирей Маматбейга ўтли нигоҳини қадаб. Хўжайинининг ғазабланганини сезган Маматбей нимадир дейишга мажбур эди. Шу сабабли ҳақиқатни эмас, тахминини айта қолди:
— Балки Банкдан қарз олмоқчидир?

Хонгирейга бунақа мужмал жавоб керак эмасди. У ўт олдирган сигаретини рўпарасида ўтирган Маматбейга қараб отди-да:
— Шу зиёфат тугагунча аниқ билиб ол, аҳмоқ! — деб амр этди.

Маматбей сигаретни кулдонга асталик билан қўйиб, ўрнидан турди. Ташқарида қолган йигитларнинг бирига амрни етказиб, жойига қайтди.

Шодиёнага айтилганлар бирин-сирин келиб, зиёфат бошлангач, Хонгирей уларга қараб туриб:
— Маошга яшайдиган ҳалол одамлар шуларми? — деди пичинг билан.
— Ҳа, бу бечораларга қийин, — деди Маматбей бу пичинг оҳангини қувватлаб.
— Биз муттаҳамлармиз, булар эса ҳалол одамлар. Қара, хотини менбоп эканми?
— Сал қарилик қилади.
— Бугун уйига меҳмон бўламан.

Маматбей «тушундим» дегандай бош ирғаб қўйди-да, чолғувчиларга яқин стол атрофида ўтирган йигитларга ишора қилди. Улардан бири яқинлашгач, қулоғига шивирлади.

Зиёфатда одам кам эканлигидан шубҳаланаётган Хонгирейнинг хаёлига яна бир фикр келиб, ҳали кўчага чиқишга улгурмаган йигит қўшимча топшириқ олди.

Улар зиёфатнинг охирига қадар ўтирмадилар. Вазифани бажариб қайтган йигит Маматбейга ҳисоб бергач, қўзғолишди. Машинага ўтирган Маматбей амрга маҳтал ҳайдовчига қарамаган ҳолда:
— Арбатга, — деб қўйиб, Хонгирейга ҳисоб бер- ди: — бу бечора камбағалнинг хотини ҳар ойда бир туғилиб турар экан. Яқинда «Россия»да нишонлашибди.
— Ўтиришларидан шунақага ўхшовди. Булар канага ўхшаган нарса, одамларни сиқиб, қонини ичиб туришмаса еганлари ичларига тушмайди.
— Бугай Австрия билан олди-берди қилмоқчи экан, иш валютага қадалиб қолибди. Бу зиёфат ўша тўғонни бузаркан.
— Бугай ўғирлигини эсдан чиқарибди. Ишни маданийчасига ҳал қилмоқчи бўлибди-да. Э, йўқ, — Хонгирей эснаб, керишди. — Булар билан маданий тилда гаплашиб бўлмайди. Буларнинг тақдирини ўғрилардан бошқа ҳеч ким ҳал қилиш ҳуқуқига эга эмас. Мен ўғриман, ўғри эканимдан фахрланаман. Булар ҳам аслида мендан баттар ўғри, лекин «ўғрисан», десанг жазавага тушади. Қараб тур, сенинг ҳужжатларинг узоғи билан индинга тайёр бўлади. Бугай эса зиёфатга куйиб қолаверади.
— Княз... — Маматбей «булар ўлимга ҳукм қилинди», деб ўйлаб, эътироз билдирмоқчи бўлди.
— Овозингни ўчир, — деди Хонгирей бармоқларини қисирлатиб. — Мен уларни ҳатто чертмайман.
— Княз, уйида қайнонаси билан иккита боласи ҳам бор.

Хонгирей «бўлса нима?» дегандай қараб қўйди-ю, жавоб бермади.

Хўжайиннинг амри билан йўл-йўлакай бир сават гул олволишди.

Ёши элликдан ошиб, пардозга зўр берган аёл гул кўтариб келган одамлардан ҳадиксирамади. Қимматбаҳо совғалар қабул қилиб олишга кўниккани учун саватдаги ноёб гулларга менсимайгина қараб олиб, кийимилгич томонни кўрсатди-да, «шу ерга қўйинг» деб буюрди. Маматбей гулни қўйиб:
— Шарлотта Моисеевнани туғилган кунлари билан табриклаймиз, — деб қандай мақсадда гул келтирганини яна такрорлади. Остонада турган Хонгирей эса аёлдан кўз узмай тикилиб турди. Ундан «Ие, қизимнинг туғилган куни эмас-ку», деган гапни кутди. Аёл киприк қоқмай тикилиб турган Хонгирейга қараб-қараб қўйди-ю, Маматбейга:
— Бораверинг, гулларингизни бериб қўяман, — деди.

Шундан сўнг Хонгирей остона хатлади. Унинг изидан икки йигит ҳам кириб, эшик ёпилгач, аёлнинг кўзлари жавдираб, тисланди.
— Сизга нима керак? — деди. Кейин овозини кўтариб, қичқирди: — Саня, милитсияга қўнғироқ қил!

Маматбей Хонгирейдан буйруқ кутмаёқ, тезлик билан ичкари хонага ўтди.
— Маргарита Иосифовна, сизни болалигингизда яхши тарбия қилишмаган экан. Биров гул олиб келса, аввало «раҳмат» дейиш керак, — Хонгирей аёлдан кўзларини узмаган равишда бостириб кела бошлади. Аёл эса беихтиёрлик билан тисланиб, чекинди. — Ундан ташқари, «Бу ажойиб гуллар кимдан совға?» деб сўраш керак, шундайми? Сиз қўрқманг.. Мени... танимаяпсиз шекилли, а?
— Танимадим... — деди катта хона ўртасида тўхтаган аёл, сўнг болалар ўтирган хона томонга хавотир билан қараб қўйди-да, титроқ овозда «Болаларга тегманг», деб ялинди.
— Болаларга нега тегарканмиз? Биз яхши болаларни ҳатто чертиб ҳам қўймаймиз. Сизга ҳам тегмаймиз, қўрқманг. Биз босқинчи эмасмиз. Сиз нега мени танимадингиз, ҳайронман?
— Қаердадир кўрганман,— деди аёл ишончсиз тарз-да.
— Ҳа, албатта кўргансиз, мен сизнинг ўғлингизман. Грузин ўйнашингиздан туғилганман. Мени Сухумидаги туғруқхонага ташлаб кетгансиз, — Хонгирей эшикнинг чап томонидаги оромкурсига ўтириб, оёқларини чалиштирди, сўнг чўнтагидан сигарет олиб, лабига қистирди. Аёл эса бу гапдан ажабланиб, «менинг бунақа ўйнашим бўлмаган», дегандай жавдираганича тураверди. Ундан садо чиқмагач, Хонгирей сигаретасини тутатиб, ғоят хотиржам равишда гапини давом эт-ди: — Мен ўгай синглим билан куёвимни кўргани келдим. Лекин, онажонгинам, синглимни қачон туққанингизни унутиб қўйибсиз. Ахир бугун унинг туғилган куни эмас-ку, тўғрими?
— Ҳа...
— Лекин «Прага»да нишонлашяпти. Биз ҳозир ўша ердан келяпмиз. Биз — яхши одамлармиз, ёмонликни истасак, уйингизга келиб ўтирмас эдик. Шунинг учун сиз титраманг, онажонгинам, чой берасизми ё қаҳвами, майли, ҳимматингиз. Фақат титраманг, синглимнинг пешонасидан ўпиб, куёвим билан танишаману кетаман.

Аёл Хонгирейнинг гапларига бир тушуниб, бир тушунмай ҳайрону лол қараб турди. Дастлаб, Хонгирей бостириб кираётганида у қўрқди. Айниқса Маматбей ичкарига ўтганда набираларидан хавотирланиб, жони чиқиб кетай деди, тили гапга айланмай ҳам қолди. «Бақириб, ёрдамга чақирсам-чи?» деган фикрини ўзи бўғиб қўя қолди. Аввало бақириғи бу қалин деворларни тешиб ўта олармикин? Қолаверса, унинг ноласини эшитиб ким ёрдамга чиқади? Бу атрофда жонидан тўйган мард борми?

Пулдор оилаларни ўғрилар босаётганидан у хабардор эди. Ҳам молдан, ҳам жондан айрилаётганларни эшитганда «бизникига ҳам шунақалар келиб қолишар», деб чўчимаганди. У пул эвазига одам ўлдириб берувчи, «килер» деб ном олган касб пайдо бўлганини ҳам эшитган, бироқ, ўша килерлардан бирига мен ҳам дуч келарман, деб хаёл ҳам қилмаганди. Чунки у хонадонини камбағал билан бойнинг ўртасида — «ўртаҳол» деб билар, назарида босқинчилар фақат ошиб-тошиб ётганларнигина босишар эди. Дастлаб Хонгирейни ўшандай босқинчилардан деб ўйлади, сўнг эса унинг юмшоқ оҳангда гапиришидан «милитсиядандир», деган фикр уйғонди. Лекин унинг бирданига қандайдир ўйнашдан бўлган ўғилга айланиб қолиши аёлни таажжубга солди. «Бу бўҳтон нима учун керак экан?» деб ажабланди. Хонгирей бу гапни аниқ бир мақсад билан эмас, шунчаки тилига келиб қолгани учун айтиб юборган эди.

Аёл қаҳва тайёрлаш учун ошхонага кирганида Хонгирей ўтирган ерида овозини баландлатиб:
— Тўртинчи қаватда бир хотин ўлиб, икки йилгача ҳеч ким билмабди, шу тўғрими? — деб сўради.
— Ҳа, — деди аёл, — кампир ёлғиз яшарди.
— Ошхонага кирганида ўлибдими? — деб яна сўради Хонгирей.
— Ҳа...

Аёл шундай деди-ю, қўрқувдан баданига муз югурди: «Нега буни эслаб қолди, яна ошхонада... Шу ерда ўлдирмоқчими мени?..»
— Ўлик сасиб кетарди-ку, ҳидидан ҳам билмадиларингми? — Хонгирейнинг навбатдаги саволи уни бу хаёллар чангалидан юлиб олди.
— Дераза очиқ экан...
— Ҳа, ошхонанинг деразасини очиб қўйган яхши...

Бу гапдан кейин аёл беихтиёр деразага қаради. Ҳали болаларга қуймоқ пиширганда деразани қиялатиб очиб қўйган эди. У энди эшик оғзида турган йигитга хавотирланиб қаради. Назарида йигит чўнтагидан тўппонча ёки тиғ чиқаргандай туюлиб, қалтираётган оёқларини жон тарк эта бошлади. Йигит унинг аҳволини сезиб:
— Деразани ёпиб қўяйми, совқотяпсизми? — деб сўради.

Аёл «ҳа», демоқчи бўлди-ю, аммо овози чиқмади, бош ирғаб қўя қолди. Йигит деразани ёпгач, аёлга яқинлашди.
— Қаҳвангизни беринг, ўзим қайнатаман. Хўжайин менинг қаҳвамни яхши кўради.

Бу гапдан кейин аёл ўлмаслигини билиб, енгил тортди. Бироқ, саросимадан қутула олмай рўпарада турган қаҳвани кўрмади, токчаларни тимирскилаб қидирди.

Хонгирей йигити тутган қаҳвани олиб ичаётиб:
— Онагинам, энди ичкарига кириб жиянларимга қаранг. Овоз чиқармай ўтиринглар. Жиянларимга «олтин балиқча» эртагини айтиб беринг. Тешик тоғора билан қолиш жуда қизиқ, а?

Орадан ярим соат ўтгач, эшик очилиб, аввал гул кўтарган Шарлотта, унинг изидан эса эри кириб келди. Жувон саватдаги гулни кўриб, эрига савол назари билан қаради:
— Меҳмон бор шекилли? — деди эри ичкарига имо қилиб.

Катта хонага ўтиб, бемалол сигарет тутатиб ўтирган Хонгирейни кўришди-ю, бир-бирларига савол назари билан қарашди.
— Кечирасиз, бу уйда чекиш мумкинмас, ёш болалар бор. Эрим ҳам балконга чиқиб чекади, — деди жувон энсаси қотганини яширмай.
— Аввал саломлашиш керак, — деди Хонгирей пинагини бузмай. — Ундан ташқари мен сенинг эринг эмасман, шу ерда чекавераман. Мен сенинг ўгай аканг-ман. Менинг отам сенинг онангнинг биринчи ўйнаши эди.
— Нималар деб валдираяпсиз, эсингиз жойидами? — деди аёл дағал оҳангда.
— Менинг эсим жойида, сингилгинам, аммо сенинг эсинг кирди-чиқди бўлиб қолибди. Сен қачон туғилганингни унутиб қўйибсан. Онагинам сени йигирма олтинчи июнда туққан эдилар, а? Марк Абрамович, хотинингизнинг паспортига ҳеч қарамаганмисиз?
— Сиз кимсиз, сизга нима керак? — деди Марк кескин оҳангда.

Саволига жавоб ўрнига хонада икки йигит пайдо бўлгач, қўполлигидан афсусланди. Хотини эса салкам талвасага туша бошлади.
— Сингилгинам, ичкарида онанг билан болаларинг кутишяпти. Кичигингни бугун эмизганмисан, ё эмчакдан чиққанми? Сен ўша хонага ўта қол. Тўхта, сумкачангни эрингга бериб кет.

Жувон буйруқни бажариб, болалари ётадиган хонага ўтди. У ерда йиғламсираган овоз эшитилди-ю, тезгина тинди.
— Марк Абрамович, куёвим бўлганингиз учун сизга яхшилик қилмоқчиман: «Орхидея»нинг совғасига учманг. Қани, нима совға қилган ўзи? Йигитлардан бири Маркнинг қўлидаги сумкачани олиб, Хонгирейга берди. Хонгирей уни очиб, ичидан тилла соат билан ёқут кўзли узукни олди-да, чироққа тутиб қаради. — Паст кетишибди. Австриядан оқиб келадиган пуллар эвазига тузукроқ совға қилишса ҳам бўларди, — Хонгирей шундай деб совғаларни чўнтагига солгач, сумкачани Маркнинг оёқлари томонга ташлади.
— Сиз кимсиз? — деди Марк бу сафар тобелик билан.
— Кимлигимни ҳали ҳам билмадингми? Қайноғанг-ман. «Орхидея»нинг иши билан ўртоқлар шуғулланишяпти. Камида ўн йилга учиб кетасан.
— Мен уларга ҳеч қандай ёрдам қилганим йўқ. Ваъда ҳам бермаганман.
— Лекин зиёфатини единг. Совғасини олдинг. Энди сен менга айт: «Гирей хон» банкининг ҳужжатларини нега босиб ўтирибсан?
— Бу фақат менга боғлиқ эмас. Яна хўжайинлар ҳам бор.
— Ҳаққини олдингми? Бу ёғи сенинг бош оғриғинг, кимларга боғлиқлиги билан ишим йўқ.
— Вақт керак.
— Вақтнинг бошини ўзинг еб бўлдинг, куёв. Энди бундай қиласан: эртадан қолдирмай ҳужжатларга ҳамма қўлларни қўйдириб, биздан олган пулингни учга кўпайтириб, топширасан. Карра жадвални биларсан-а, индинга қолса, учга эмас, ўнга кўпайтирасан. Саватдаги гулларни кўрдингми, ўша ерда мозорга қўйиладиган гулчамбарлар ҳам бор экан. Менингча, саватдаги гул яхши, а? Мен сендай куёвим борлигидан фахрланаман. Бугундан эътиборан энди сен билан тез-тез учрашиб турамиз. Мен сени ҳимоямга оламан. Сен эса совғаларни арра қиласан. Келишдикми? Довдирама, сен Бугайга ишонма, у сени ҳимоя қила олмайди.

Хонгирей ўрнидан туриб, Маркнинг рўпарасида керишди-да «Миша!» деб чақирди. Болалар хонасидан Маматбей чиқиб келгач:
— Қара, қандай куёвим бор менинг? — деб заҳарли тиржайди. Остонага етганда тўхтаб, Марк томонга ўгирилди: — Қара-я, куёв, тўртинчи қаватдаги кампирнинг ўлиги икки йилгача ошхонасида ётибди-я — деб қўйди. Машинага чиқиб ўтиришгач, Маматбейга: — Ўша кампирнинг ўлганини менга яхши айтдинг. Булар энди эрталабгача иштонларини ҳўл қилиб чиқишади,— деб кулди.

Чиндан ҳам бу гап Маркнинг хонадони тинчлигини олди. Эрталаб эшиклари ёнига тизиб қўйилган қора матоли бешта мотам гулчамбарини кўришгач эса, тақдирга тан беришди. Марк оқшомга қолмай Маматбейга қўнғироқ қилиб, вазифа бажарилганини билдирди.

2

— Бу ёғи мусулмончиликдан бўлмади, — деди Кесакполвон норози оҳангда. — Ҳар ҳолда бегона эмасмиз. Одамлар бегоналарникига ҳам фотиҳага борадилар. Битта самолетда бориб, кейингисида қайтиб келардим. Маматбейга қойил қолмадим.

Селим нард тошларини юмуқ кафтида айлантир-ган бўлиб, тахтага ташлади. Иккита олтиликни кўриб, Кесакполвонга «қойилмисан», дегандай тиржайди. Доналарни жойлашга шошилмай:
— Маматбей тўғри қилибди. Сен бу ердаги ишингни қойиллатсанг ҳам катта гап, — деди. Кейин биринчи донани бўш катакка жойлаб туриб, қўшиб қўй- ди: — Масковда сенга пишириб қўйибдими?

Бу гапдан Кесакполвоннинг ғазаби қайнаб, ҳозиргина қўлига олган нард тошчаларини Селимга қаратиб отди.
— Сен бола, ҳаддингдан ошма! Худонинг ўзидан ваколатинг бўлса ҳам бир кунмас бир кун мендан тепки еб қоласан. Ўладиган дунёда сени би-ир тепиб ўларман, — Кесакполвон бу сафар аламини нард тахтадан олди — қаватларини шарт ёпиб, четга улоқтирди.

Селим Кесакполвоннинг важоҳатидан астойдил қўрқди, чегарадан чиққанини англаб, гўё ўзини ҳимоя қилишга шайлангандай ўрнидан турди.
— Жаҳлинг чиқмасин, бу менинг гапларим эмас. Мен ҳам бормоқчийдим, Маматбей менга шундай жавоб қилди.
— Сенга жавоб қилган бўлса, бу сассиқ гапни ўзинг ҳазм қилиб юравермайсанми? Менга дастурхон қиласанми, сўтак! Сенинг боришинг бошқа, менинг боришим бошқа. Сен фотиҳа баҳонасида болаларингни кўриб келмоқчи бўлгансан. Улар аҳмоқми, буни тушунишмайдими?
— Болаларимни соғинсам, улардан сўрамаёқ бориб-келавераман.
— Энди бу ёғи чўпчак бўлиб кетди, ошна.
— Маматбейнинг нимадан аччиқланганини сезмабсан.
— Сен сездингми, қани айт-чи?
— Юборган одаминг ишнинг ишкалини чиқарган. Мол қўлдан кетган.

Бу янгилик Кесакполвонни таажжубга солмади. «Красноярга одам юбориш керак», дейишгандаёқ, ишдан куйган латта иси келаётганини сезган эди. Лекин ўйиндаги калтакнинг бир учи барибир ўзининг бошига тегажагини эса ҳисобламаганди.
— Красноярда одамингни ментлар кутиб туришган экан, — Селим айтган янгилигига шундай изоҳ киритди.
— Қаерда, самолётдан тушадиган жойдами?
— Козловнинг уйида бўлса керак.
— Унда мен бу ишда фариштадек оппоқман. Агар одамимни аеропортда кутиб олишса-ю, у дипломатни «Мана, Селим афандим бериб юборди», деб топширса мен айбдор бўлардим.
— Бу ишкалнинг тагига етишади ҳали. Нима бўлганда ҳам иккаламиз ўйиндамиз. Харажатларнинг бир улуши бизнинг бўйнимизга илинади. Шу билан қутулсак катта гап.
— «Қутулсак» дема, «қутулсам» деявер.
— Сен Хонгирейни яхши билмайсан. Маматбейнинг янги буйруғини ҳам билмайсан. Аслида сени шунинг учун чақирувдим.
— Қанақа буйруқ? — Кесакполвон унга сергакланиб қаради.
— Хонгирей банк очмоқчи экан.
— Банк? — Кесакполвон ажабланди. — Банкни нима қилади?
— Буни ўзидан сўрайсан. Лекин сўрашдан аввал битта лимонни тайёрлаб қўй.
— Нимага?
— Банкка қўясан ёки актсияларини сотиб оласан.
— Маматбейнинг гапими бу ё сендан чиққан ақлми?
— Бу Хонгирейнинг буйруғи. Ҳамма йигитларингга солиқ солинган. Энг ками уч юз минг. Ҳисоб-китобини қилиб менга берасан, мен йиғиб, эгасига узатаман.
— Менга «лимон»ми? Сенга-чи? Ё бунақа солиқдан озодмисан? — Кесакполвоннинг ўткир нигоҳига Селим дош беролмай, ерда сочилиб ётган нард доналарига қаради. Аслида Маматбей ҳар икковининг бўйнига беш юз мингдан илган эди. Маматбей воситачи эканидан фойдаланиб, ўзининг ҳиссасини ҳам Кесакполвонникига қўшиб қўя қолган эди.
— Сен даллоллик қилма, мен боллардан йиғиб, Маматбейга ўзим етқизаман.

Бир миллион пул беражагини эшитиб, сал гангиган Кесакполвон дарҳол ўзини ўнглаб ололди. Шу ёшга етгунича ёнидан бир сўмни чиқариб ўйлаб сарф этган Кесакполвон бир миллион чўз, деса, индамай бериб қўядиган аҳмоқ эмасди. Агар бу ростдан ҳам Хонгирейнинг талаби бўлса, сўраганини беради. Фақат ёнидан чиқармайди, йигитлар уч юз эмас, тўрт юз мингдан тўлашади, вассалом! Масалани шу тарзда ечган Кесакполвон Селимдан кўзини узмай, тиржайди:
— Сен мен билан нард ўйнасанг ўйнайвергин-у, аммо ўйнашма!

Кесакполвон Селим қўнган меҳмонхонадан чиқиб, Шариф Намозовнинг уйи сари йўл олди. Гарчи Асадбекнинг сўнгги буйруғини бажаришга майли йўқ эса-да, ўзини мажбурлаб борди.

Усталар янги уйга сўнгги пардоз бериш билан, мардикорлар эса эскисини бузиш билан банд эди. Кесакполвон ишларни ташқаридан бир оз кузатди-да, лой кечиб дарвозахонага, ундан ҳовлига ўтди. Чап томондаги хона эшиги очилиб, пешонасини оқ рўмол билан боғлаган, кийими томган бўёқлардан ола-чалпоқ бўлиб кетган, калта соқол-мўйлабли уста чиқиб келиб, салом берди.

Ўзбекларда салом-аликдан кейин «ҳорманглар», деб қўйиш фазилати борлигини унутган Кесакполвон у билан қўл учида, менсимаган тарзда кўришиб:
— Ҳа, ишлар кетяптими? — деб сўради.
— Оллоҳимга шукр, кам қилмаяпти, — нотаниш меҳмоннинг қўрслигидан кўнгли оғриса-да, уста сир бой бермай жилмайиб қўйди. «Сиз кимсиз, сизга нима керак?» деб ҳам сўрамади. Унинг ўрнига Кесакполвон сўради:
— Бўёқчимисиз?
— Ҳа, унча-мунча бўяб турамиз, асли касбимиз наққош, ганчкор, Худога шукр, — деди уста ҳилм билан
— Қанчага келишдиларинг бу ишларни?

Бу савол устани ҳайрон қолдирди. Одамлар унинг ишини кўриб таҳсин айтишарди-ю, аммо «қанча пул олдингиз?» деб сўрашмас эди. Бу киши эса ишни кўрмай туриб пулдан гап очяпти, мақсади нима экан?
— Худонинг ризқи-да, — деди уста ҳилмликдан чекинмай. — Тақсир, иморат қуряптиларми, бизга лозим юмушлари борми?
— Ҳеч қанақа юмуш йўқ, — деди Кесакполвон совуқ оҳангини ўзгартирмай, — хўжайинларинг қаерда?
— Хабарим йўқ, тақсир, хизматда бўлсалар эҳтимол.
— Ҳозир хизматга борасизми, уйигами, менга барибир, қаерда бўлса ҳам топинг. «Ҳайдар акам келиб кетдилар, тез чойхонага борар экансиз», деб айтинг. Тушундингизми?
— Тушундим, «қайси чойхонага экан?» деб сўрасалар-чи?
— Ўзи билади, — Кесакполвон шундай деб изига қайта бошлади. Дарвозахонага етганида «овсарроқ одам бўлса билмаслиги ҳам мумкин» деган ўйда тўхтаб, кузатиб келаётган устага қаради: «Асадбек аканг одамлар билан гаплашадиган чойхонага», десангиз ўзи тушунади.

Шариф Намозовнинг уйини сотиб олиб, кўчиб келишга тайёрланаётган одам ҳаялламади. Асадбек акасининг чойхонасига йўқланаётганини эшитиши билан юраги така-пука бўлиб тезгина етиб келди. У шаҳарнинг кунботар томонида шундай чойхона борлигини, бунда ақлга сиғмас ишлар бўлиб туришини эшитган, «бунақа жойга дуч келишни душманимга ҳам раво кўрмайман», деб юрарди. Чақирилган жойга етиб келгунича «Худога нима ёмонлик қилувдимки, мени буларга рўпара қиляпти», деб ўйлаб борди. Ўйлади-ю, саволга жавоб топа олмади. Агар ошхонасидаги таомга тушиши лозим гўштнинг тенг ярми «уриб» қолиниши, сомсаларга калла гўшти тиқилиши, баъзан эса ташлаб юборилиши шарт бўлган, қуртлаган жигарми, бошқасими, қиймаланиб, ишлатиб юборилишини эслаганидами, саволига жавоб топарди. Украинадан келтирилиб, радиатсия нурланиши кучли бўлгани сабабли куйдириб ташлашга тайёрланган гўштни арзон-гаров сотиб олиб ишлатиб юборганини эсламаса ҳам бошқа қилиқлари тарозунинг жазо палласига ўтириши учун кифоя қиларди.

Кесакполвон икки ёноғи қип-қизил бу одамга тикилиб қаради-ю, танимади. Шунинг учун гапни оддий савол-жавобдан бошлади:
— Отинг нима, қаерда ишлайсан?
— Отим Маъмурхўжа, кичкинагина ошхонам бор.
— Шунақа дегин? Ўша кичкинагина ошхонанг қаерда?

Маъмурхўжа тилга олган жой Ҳосилбойвачча ихтиёрида эди. Шу сабабли Кесакполвон унга савол назари билан боқди:
— Чўтални кимга берардинг? Ҳосилгами?
— Шундай, Ҳосилбойваччага, аммо ўзлари эмас, одамлари келиб турарди.
— Ким, ғилайми?
— Ҳа, биларкансиз, Шомилжон.
— Намунча латтачайнарсан! — Кесакполвон аччиқланиб, қўлидаги пиёлани стол устига ташлади: — фалончи бойвачча, пистончижон... бойваччанг билан жонинг чиққан жойига кириб кетган, эшитмовдингми?
— Узунқулоқ гапларни сал-пал эшитгандай бўлувдим.
— Эшитгандай бўлувдингми, а? Зўрсан-ку? Чўтал-чи, кимга беряпсан?
— Ҳеч кимга. Аталганга хиёнат қилмай тўплаб қўйганман.
— Тузуксан. Тўплаганларингни кечга қолмай анави акангга олиб келиб берасан, — Кесакполвон шундай деб эшик томонда турган Қозини кўрсатди. — Бу ғилайга ўхшаган гадой эмас, чўтал бер, деб олдингга бормайди. Вақтида ўзинг келиб турасан.
— Хўп бўлади, шундай қилганим аслида дуруст.
— Янги уйни кимдан сотиб олганингни биласанми?
— Бир бева экан, эри қамоқда ўлибди...
— Ўша қамоқда ўлган бизнинг одамимиз эди. Сен кўчиб кирмоқчи бўлган уйни Бек аканг қурдираётувди. Сен уни зўрлаб олибсан!
— Астағфируллоҳ! Худо сақласин, ундай эмас.
— Бир иш қилсанг, сени Худо сақлайди. Бўлмасам чўтал берган акаларинг билан ачомлашиб ётасан.
— Нима қилай, айтинг.
— Уйнинг хат-ҳужжатларини тўғирладингми?
— Ҳали тўла бўлгани йўқ.
— Гап шу: уй эгасида қолади. Уларни шу ҳафта ичи ўзинг кўчириб қўясан. Ҳа, яхши ният билан эски уйни бузиб, янгисини қуришни бошлабсан, а? Энди, хўжа, савоб қилсанг бутун қил, шу ишни ўзинг охирига етказиб қўй, Бек акангни би-ир қувонтиргин... Ҳа, агар анави бева хотин ғиди-биди қилса, Шариф акахонимдан қарзим бор эди, дейсанми, хуллас, бир нима деб тинчитасан. Хўш, нега жим қолдинг, иш пишдими?

Маъмурхўжа ичидан қиринди ўтаётган бўлса-да, жилмайишга ҳаракат қилиб:
— Пишди, акахон, пишди, — деди.
— Қани, мен билан элликта-элликта оласанми?
— Сиз билан олиш биз учун бахт акахон, лекин жигарнинг сал мазаси қочган, парҳездамиз.
— Жигардан қўрқма, ишдан чиқса янгисини қўйдириб бераман. Парҳезман, деб юриб яна ҳез бўлиб қолмагин.

Кесакполвон бўш пиёлага ароқ қуйди-ю, лекин узатмай «ол!» деган маънода имо қилди. Маъмурхўжа бу марҳаматдан ийиб кетгандай қуллуқ қилди-да, бир кўтаришда пиёлани бўшатди. Газак таклиф қилинмагани учун лабини чапиллатиб қўя қолди.
— Ҳа, ўғил бола! — деди Кесакполвон уни эркалагандай.

Маъмурхўжа ҳозир ҳовли-жойини шу бир пиёла ароққа алмашгандай эди. Агар шайтон йўлдан уриб шу фикрини Кесакполвонга айтсами, у шубҳасиз «Йўқ, акаси жонидан, сен уйни ўзингнинг, бола-чақангнинг жони эвазига беряпсан», деган бўларди.

Кесакполвон ўлжасининг вужудини қандай ғам-алам куйдираётганини билиб турарди. Унинг тилидан камдан-кам ҳолларда «Худога шукр» деган калима учарди. Агар кўнглида Яратганга шукроналик туғилса, биринчи галда берган бойлиги учун эмас, балки бу дунёда қўрқоқларни яратгани учун айтиш керак эди. Қўрқиб-қўрқиб тўпланган бойлик қуши қўрқув туфайли қўлдан учарди.
— Энди сен боравер, — деб марҳамат қилди Кесакполвон. — Молдан айрилдим, деб ичинг кетмасин. Бола-чақангнинг бош-кўзидан садақа. Садақа қилиб туриш керак-ку, тўғрими?
— Ачинган номард, акахон, менга буюрмаган экан, эгасига буюрсин.
— Вей, ғирт ўғил бола экансан, менга ёқдинг! — деди Кесакполвон суйган отанинг меҳрли овози билан. Кейин пиёлага яна ароқ қуйди: — Жуфт қилиб кета қол. Сен хўжа, бошқа бир иморат сол, уй тўйингга ўзим той ясатиб бораман. Отарчиларнинг хўррози ҳам менинг бўйнимга. Қани, қўлни ташла!

Қўл ташланди. Ароқ ичилди. Уй қўлдан кетди. Жон фойдага қолди.

Маъмурхўжа кўчага чиққач, чуқур-чуқур нафас олди. Аввалига хўрлиги келди. Кейин боши-кўзидан қилинган садақа эвазига жонлари омон қолганидан шукр қилди.

Кесакполвон Асадбекнинг сўнгги буйруғини шу тарзда, ўзининг номини ўртага қўйиб, хамирдан қил суғургандай осон ҳал этди. «Бу ишдан раҳмат келса ҳам, лаънат келса ҳам Асаднинг ўзига ураверади», деб ўйлади у Маъмурхўжа чиқиб кетгач.

Ишни осон ҳал қилгани билан Селимнинг ҳузурида бошлаган кўнгилғашлиги тарқамади. Болалиги етимликда ўтган бу одам шу кунга келиб, ёнидаги энг яқинларидан ажраб яна етим ҳолига тушганини англай бошлади. Чувриндининг ўлими, Асадбекнинг ундан узоқлашуви уни ёлғизлик саҳросига ҳукм этди. «Асадбекни мен одам қилганман», деб юрувчи одам Асадбексиз яшаши қийинлигини била боргани сайин бу ҳақиқатни тан олмасликка тиришарди.

Қози кўтариб кирган бир лаган мошкичирининг ҳиди иштаҳасини қитиқлаб уйғотди. Уч-тўрт қошиқ егач:
— Дум солмадингми? — деб сўради.

Бу танбеҳни эшитган Қози оғзидаги луқмани чайнашни ҳам, ютишни ҳам билмай, бақрайиб қолди. «Хўжайин, ўтган сафар «калланг борми, мошкичирига ҳам дум соладими?» деб урушувдингиз-ку?» дея олмади. Чала чайналган луқмани ютиб:
— Бозорда тузукроғи учрамади, — деб қўя қолди.
— Оғзингга пашша қўндириб ётсанг, сенга яхшисини олдириб қўйишади, — Кесакполвоннинг бу танбеҳи жавобсиз қолди.

Шоир «Ҳар нимага ғам ема — ғам кўп дурур, айш бирла ўзни овутмоқ керак», деган экан. Гарчи Кесакполвон шоирнинг бу ҳикматидан бехабар бўлса-да, ўзни овутмоқ чорасини излади. Ўйлай-ўйлай бу фароғатни Ойсанамнинг қўйнида кўриш мумкин, деган қарорга келди. Ойсанамдан ёш, ундан чиройли ва ишвалиларга эмас, айнан унга кўнгли чопаверишидан ўзи ҳам ажабланди.

XVIII боб

1

«Фараон, сен ваъдангда турмадинг» — деди «Қассоб» худди аждаҳо каби оғзидан ўт пуркаб.

Бу ўт маёр Солиевнинг юзига урилиб, ҳароратидан нафаси қайтди.

«Ўлимингга мен айбдор эмасман,— деди Солиев,— Ўзинг ҳукм чиқариб, ўзинг ижро этдинг. Таслим бўлганингда бошингга бу кўргулик тушмас эди».

«Тирик қолармидим?» — деб сўради «Қассоб» яна ўт пуркаб.

«Ҳеч бўлмаса яна бир-икки ой яшардинг».

«Ўлимни кутиб яшашнинг қанчалик оғир эканини сен билмайсан. Мен ўзимнинг қисматимни енгиллатдим. Сени эса ўлимни кутиб ётишга ҳукм қилдим. Истасанг, бу кўргуликдан озод қиламан».

«Қассоб» шундай деб ўт пуркашдан тўхтамай, унга яқинлашди. Бу ҳарорат Солиевнинг бутун вужудини куйдириб, бўғила бошлади. Кўкрагида санчиқ туриб, сесканганича кўзларини очди. Яқиндагина ҳамшира билак томирига игна санчиб, томгич дорини қўйган эди. Касалхонада ҳушига келганидан бери кўргани — шу томгич дори. Чалқанчасига ётганича дори томчиларига тикилади. Баъзан шу томчилар унинг бекатда учиб чиқиб кетган жонини аста-аста қайтараётгандай туюлади. Кайфияти тушкунлик тўрига ўралганида эса бу томчилар худди ёруғ дунёда қолган кунларини бир-бир санаётгандай бўлади. Ҳозир ҳам шундай бошланди. Хаёлини чалғитиш учун томчиларни санаб ётиб, кўзларига уйқу илинибди. Кўзлари уйқуда бўлса ҳам дахлиздаги овозларни эшитиб турарди. Ана шу ҳолда туш кўрибди. Тушида «Қассоб»нинг «онамни ўлдиришга ваъда берган эдинг, нега ваъдангни бажармайсан?» деб даъво қилавериши ғалати эди. Назарида бекатдаги воқеадан сўнг шу ёшга етгунига қадар кўрган-кечирганларининг ҳаммасини унутган, хотирасида фақат «Қас-соб»гина қолгандай эди. Солиев дастлаб бу хотирадан қутулишга уриниб ҳам кўрди. Лекин бу одамхўр одамнинг турқини кўз олдидан хайдай олмагач, «бунинг шифоси — вақт, бора-бора хаёлимдан чиқади», деб ўзини овутди. У фақат бир нарсага тушуна олмас эди. «Қассоб» ундан онасини ўлдиришни эмас, ўзини одамга ўхшаб кўмдириб, гўрига бут қўйдиришни илтимос қилган эди...

Қуш уйқусидан уйғонган Солиев кўкрагидаги санчиқни, вужудининг ловуллай бошлаганини ўткинчи, деб ўйлаб сабр қилди. Кейин ҳамширанинг «Бу янги дори, амаки, озгина чақади, агар ёқмаса, дарров айтинг», деган гапини эслаб, чақирув тугмасини босди. Ҳамшира кирди-ю, Солиевнинг бетларидан қон қочганини кўрибоқ, «Нима бўлди?» деб сўраб ўтирмай, игнани шошилганича томирдан суғуриб олди. Кейин чойнакда совуб қолган чойдан уч-тўрт ҳўплам қуйиб, беморнинг бошини сал кўтаргач, пиёлани беморнинг лабига тутди. Сўнгра «тилингизнинг тагига ташланг», деб валидол берди. Ҳамшира ҳар сафар шундай таъкидлайвергани учун аввалги куни Солиев ҳазиллашиб «валидолни тилнинг устига ташласа нима қилади?» деб сўраганида, у ҳазилни англамай, бунинг сира-сира мумкин эмаслигини эринмасдан тушунтирган, шундан ке-йин Солиев «ҳазилни ҳам эплай олмай қолибман», деб ўкинган эди. Ҳозир ўша ҳазилни эслаб, ҳамширани хижолатдан қутқариш учун кулимсираб қўйди. Бу кулимсираш ҳамширага чиндан ҳам далда бўлиб, дори идишларини кўтариб чиқиб кетди.

«Томирларим қонга эмас, шу дориларга тўлди,— деб ўйлади Солиев.— Энди дорига жой ҳам қолмабди...»

Икки кун олдин Ҳамдам Толипов келганида Солиевга ўриндан туриб хонада юришга ижозат берилганди. «Тўшакнинг чангалидан қутулдимми, энди Азроилга бўйин эгиш йўқ», деб ўзининг кўнглини кўтарган Солиев Ҳамдам билан анчагина гаплашиб ўтирган эди. Одамлар билан суҳбатлашишга уста Ҳамдам бекатдаги воқеадан гап очмасликка, касаллик ҳақида, тузалиб чиққанда кутилаётган ногиронлик нафақаси ҳақида сўзлашмасликка интилди. Солиев булар ҳақда гап бошлаши билан чалғитиб юбораверди. Шунга қарамай, Солиев муддаосини айтди:
— «Қассоб»нинг мурдаси нима қилинган, билиб қўйгин, куйдирилганми ё кўмилганми?
— Бунинг нима аҳамияти бор?
— Кўмилган бўлса қабрига бут қўйиш керак эди.
— Фойдаси бор эканми?
— Шундан умид қилувди... — Солиев «ваъда берувдим», дейишга истиҳола қилиб шундай дея қолди.
— Фойдаси йўқ, — деди Ҳамдам, — бут Худога ишонганларга қўйилади. Бунақа одамларда дин деган нарса бўлмайди.
— Қаҳринг қаттиқ-да сенинг... — деди Солиев танбеҳ оҳангида.

Ҳамдам Толипов гапни ортиқча чўзмаслик мақсадида «На илож, турган-битганим шу менинг», дегандай елка қисиб жилмайди.

Солиев истагини унга айтганидан афсусланиб, «Зоҳид бўлганида мени тушунарди», деб ўзига ўзи танбеҳ берди.

Орадан икки кун ўтиб, Зоҳид йўқлаб келганида шу истагини унга айтди. Зоҳид Ҳамдамга ўхшаб дарров қайириб ташламади. Бир оз ўйлангандек бўлди-да:
— Сиз буни ўйламанг, тезроқ тузалиб чиқишнинг ҳаракатини қилинг, — деди.
— Истагимнинг саломатлигимга ҳеч бир дахли йўқ. Очиғини айтавер, илтимосимни бажаргинг келмаяптими?

Зоҳид устозининг ранжиганини сезиб, вазиятни юмшатиш ниятида кулимсиради.
— Сиз айтасизу мен йўқ дейманми... Лекин...
— Ҳа, сенда ҳам, Ҳамдамда ҳам ана шу «лекин»лар кўп. Оналаринг сенларни ана шу «лекин»лар устига туққан.
— Бўпти, «лекин-пекин»сиз бажараман, — деди Зоҳид яна кулимсираб.
— Йўқ, энди «лекин»инг ичингда қолмасин, айт, мен билай.
— Менинг устозим, — Зоҳид «устозим» сўзига алоҳида урғу берди, — доно одамлар. Устозим «Касбимиз нозик, жиноятчининг оҳ-воҳига қулоқ солиб, раҳминг келса, унга шафқат кўзи билан қарасанг, ундан жабр кўрганга хиёнат қилган бўласан», деб қулоғимга қуйганлар.

Ўзининг гапларини шогирдининг тилидан эшитган Солиев кулимсираган бўлди.
— Сенларнинг қулоқларинг ҳам ўз фойдаларингга ишлайди. Менинг у гапим жиноятчига нисбатан айтилган. Мен «одамгарчиликни биратўласи йиғиштириб қўй», демаганман. Менга қара, сенам бу касалимга бекатдаги ўша воқеа сабаб деб ўйлайсанми?
— Билмадим... ҳар ҳолда...
— «Ҳар ҳолда»нгни қўй. Ҳамма шунақа ўйлаяпти. «Бомбадан қўрқиб инфаркт бўлган», деяпти.
— Бунақа ўй умуман хаёлимга келмади, бошқалардан ҳам эшитмадим. Ўзингиз ҳам эшитмагансиз, илтимос, шунақа гумон қилманг.
— Эшитмаган бўлсам ҳам одамларнинг кўнглидан қандай гаплар ўтишини ҳис этаман. Кўл томчилардан тўпланадими? Тўпланиб-тўпланиб кейин тўғонни суриб ташлайдими? Менинг касалим ҳам шунақа. Тўғри, қўрқдим, тан оламан, лекин...
— Келинг, бошқа гаплардан гаплашайлик.
— Бошқа гапларни бошқа одамлар билан гаплашаман. Ҳамма ҳам мени тушунавермайди. Сен юраги сиқилиб қолади, деб қўрқяпсанми? Ё инфарктдан кейин мияси айниб қолган, деб ўйлаяпсанми?

Зоҳид ўзини оқлаш мақсадида эътироз билдиргиси келса ҳам сукут сақлашни маъқул кўрди.
— Мени ишимиздаги адолатсизлик еди. Ҳали у катта тоғанинг, ҳали бунисининг қўнғироғи билан қанча «иш»ни ёпганимни сен билмайсан. Ҳар ёпганимда жабр-ланувчига хиёнат қилдим. Ҳар ёпганимда юрагимнинг бир томири узилаверди. Буйруқ берган одамни ҳеч ким билмайди. «Пора олиб, «иш»ни ими-жимида қилди», деб мени қарғайди. Мен шу қарғишларга қолдим.
— Қарғишлар ўша буйруқ берганларга тегади, — деди Зоҳид.
— Йўқ, — деди Солиев, қатъий тарзда. — Ижро- чи — менман. Иймоним ожиз эканки, бўйсунибман. Одамлар адолатни севишлари учун уларга адолатсизликнинг оқибатларини кўрсатиб туриш керак, деб ўзимни алдаб юрдим. Ким айтгани эсимда йўқ, бир донишманд «Адолат кучли, куч эса адолатли бўлиши керак», деган экан. Менинг ишларим бошқачароқ бўлди: кучсиз адолат ва адолатсиз куч — икки даҳшат муроса қилди. Сенинг ҳам бошингдан ўтяпти бу. Лекин бу даҳшатларнинг ҳам ўладиган куни бордир, а? Биз энг катта раҳбарнинг турли тоифаларини кўрдик. «Хўжа-йин бизни гипноз қилиб қўйди», деганини ҳам, «жанжал қулупнайдан чиқди» деганини ҳам кўрдик. Ҳозирги янгимиз бошқача эмиш. Кеча юқорига тааллуқли ошнам келиб умидли гапларни айтди. Қайси бир мажлисда каттамиз вазиримизни тик турғазиб қўйиб: «одамларнинг осойишталигини таъминлай оласизми, жиноятчига «жиноятчисан!» деб дадил айта оласизми?» деганмиш. Ишимиз шу томонга бурилаверса сен билан биз адолат нималигини кўрарканмиз.

Бундай гапларни Зоҳид ҳам эшитаётганди. Устозининг гапидан унинг кўнглига ҳам умид қуёши мўралади.

Солиев сал ҳовуридан тушгач, Зоҳиднинг ишларини сўраб-суриштирди. Зоҳиднинг баёнини, тахминларини эшитиб, сўз қўшмади, савол бермади. Ойсанамнинг уйини кузатаётган хизматчи бугун эрталаб бир хабар етказган эди. Зоҳид шуни айтганида Солиев пича ўйлаб қолди-да, сўнг сўради:
— Кесакполвонлиги аниқми?
— Агар Ҳайдар Асроров Кесакполвон бўлса, ўшалиги аниқ.
— Нимага бориши мумкин?
— Эркаева жуда гўзал жувон.
— Гўзал бўлиши мумкин. Лекин ўн олти ёшлилар билан маишат қиладиган одам чиройга эмас, ёшга қарайди,— Солиев яна озгина ўйлаб, қўшиб қўйди: — Яна ким билади, кўнгилнинг қоидаси йўқ. Унда... занжир яна Асадбек атрофида боғланяптими?
— Шунақага ўхшайди.
— Унда яна «ишни ёп!» деб буйруқ берилмасмикин? Сен анави кавказликлар билан кейин қизиқмадинг, а? Нима эди, Петрашвилими? У Ленинграддаги қамоқда ўтириб буюртма бўйича одамларни ўлдириб бераверган. Камида еттита қотиллик ўшанинг бўйнида кетди. Ўйлаб топишганини қара, беш-олти соатга чиқаришади, буюртмани бажариб қайтгач, яна қамоқнинг шўрвасини ичиб ўтираверади. Мени ҳайрон қолдирган нарса — унинг бу томонларга ташланиши. Нега ташлашди? Нега ўлдиртириб юборишди? Уларнинг арзимаган ишга кўниши ҳам таажжубли.

Зоҳид «саломлашаману чиқаман», деган ваъда билан кирган эди. Ҳамшира эшикни очиб, «саломлашиш» ярим соатдан ошганини айтгач, гапни узишга тўғри келди. Петрашвилининг тақдири ҳозирги ишларга алоқасиз бўлгани учун Зоҳид у қадар эътибор бермади. Ҳолбуки, Солиев бу воқеани бекорга эсламаган эди. «Суриштириб кўр, балки бу атрофдаги қамоқхоналарда ҳам шунақа одам ўлдириб берадиганлар бордир», демоқчи эди. Гапнинг тагидаги гап маъносини Зоҳид тушунмади.

2

Дарё ёқасида туриб, сув остидаги қумнинг миқдорини аниқлаш мумкинми? Шунга ўхшаш, Зоҳид шайтанат оламини кўриб турса-да, унинг жиноятларини бўйнига қўйиб исбот этмоққа ожиз эди. Зоҳид руҳини азоб исканжасига олаётган ҳам айнан шу эди. Донишманд деб эканки, «Я Тангрим, сен мендан «ҳузуримга қандай амаллар билан келдинг?» деб сўрайсанми? Ундан кўра «Эй бандам, сен қилган гуноҳлар маҳшар майдонига сиғадими?» деб сўраганинг маъқулроқмасми?» Аслида бу саволни иймон кўчасидан ўтмаётган бандаларининг бермоғи жоиз. Афсуским, уларнинг ноқис хаёлларига бундай ҳикмат келмайди. Келганда эди, гуноҳлари эвазига олажак жазоларидан қўрқиб, яхшилик хулқини одат қилар эдилар. Маҳшар майдонига сиғмовчи гуноҳларни кўриб, билиб турган Зоҳид ожизлигидан сиқилса-да, бугун бўлмаса эртага муддаосига етиш нияти билан яшарди.

Миркаримовнинг ўлимига доир гумонлар занжирининг бир учи Ойсанамга, иккинчиси Зариповага боғланиб турганида Кесакполвоннинг пайдо бўлиб қолиши занжирни асосан Ойсанам атрофида маҳкамлашга эҳтиёж туғдирди. Зоҳид энг аввало жасад сувга ташланишдан аввал кўмиб қўйилган жойни аниқлашга асосий эътиборини қарата бошлади: «Миркаримов қаерга кўмилган бўлиши мумкин? Кўмилган ўликни нима учун қазиб олишиб, сувга ташлашди? Бир нарсадан қўрқишдими?» Масала шу нуқтага тақалганда Зоҳид «Асадбеклар ўлдиртиришган», деган гумондан чекинарди. Унинг назарида Асадбекнинг одамлари бундай хом иш қилишмайди. Улар ўликни бирон эски гўрга тиқиб қўя қолишади, ёки бирон бир меровнинг бўйнига илворишади ёинки қалқиб, юзага чиқмайдиган қилиб чўктиришади. Унинг фикрича, бу ишни жиноят оламига эндигина қадам босган тажрибасиз одам қилган. Одам ўлдириш айтишгагина осон. Биринчи марта ўзганинг жонини олган одам маълум муддат телбага ўхшаб талмовсираб юради. Худди мурда таъқиб қилаётгандай ўзининг соясидан ҳам чўчийди. Бундай қотилларнинг қўлга тушиши осон. Қийналиб юра-юра баъзан ўзлари бош эгиб келадилар. Баъзан эса одам ўлдирилган жойга беихтиёр равишда келаверадилар, келаверадилар... Миркаримов ўлдирилгандан бери анча вақт ўтди. Қотил аввалига қўрққан бўлса ҳам, энди ўзини босиб олганлиги аниқ.

Зоҳид аввалига Ойсанамдан мутлақо гумонсирамаган эди. Унинг акасига қўшилиб ёлғон гувоҳлик бериши гумоннинг уйғонишига сабаб бўлди. Дастлаб кибр билан кутиб олиб, сўнг «акамни қўйиб юборинг», деган талаб билан келиши ҳам Зоҳиднинг диққатидан четда қолмади. Кейинги сўроқлардан сўнг Зоҳиднинг рўпарасида ажиб сурат пайдо бўлган эди:

...бир-биридан гўзал икки жувон.

...бири қонуний хотин.

...иккинчиси... «ўйнаш» деган сўзни тан олгиси йўқ. У — бўлажак хотин.

...бирининг ёнида акаси, иккинчисининг қанотида укаси...

Жувонларнинг ўзлари Миркаримовни ўлдиришмас. Ака ёки ука-чи?

Агар Миркаримов чиндан ҳам Зарипованикига келган, шу уйда ўлдирилган бўлса, қаерга кўмиш мумкин? Кўп қаватли уйларининг ҳовлисида бу ишни қилиб бўлмайди. Мурдани бутунича олиб чиқиб кетишнинг ҳам иложи йўқ. Имкон бўлган тақдирда ҳам узоқроқ ерга олиб бориб кўмилса, яна кавлаб олишга ҳожат бўлармикин? У ҳолда... ўз уйида ўлдирилганми, ўз ҳовлисига кўмилганми?

Ойсанам Эркаеванинг уйига Зоҳидни шу муаммо олиб келди. Уни сўрайдиган муҳим гапи йўқ эди. Ҳовлига киргач, атрофга ўғринча, аммо синчков назар ташлади. Унингча ҳовлининг бирон-бир ерида, бирон бир дарахтнинг атрофида чўккан жой бўлиши керак эди. Ойсанам унинг югурик назаридан хавотирланиб, чалғитиш мақсадида:
— Хўжайиним боғни яхши кўрардилар. Шу дарахтларнинг ҳаммасини ўз қўллари билан экканлар, — деб қўйди.

Зоҳид, ўғринча қараши ошкор бўлганини фаҳмлаб, ўзини сал ноқулай сезди, бироқ, сир бой бермаслик мақсадида, диққатини айнан шу дарахтлар тортгандай кўрсатиш учун жувоннинг гапини давом эттирган бўлди:
— Дидлари зўр экан...

Зоҳиднинг Ойсанам билан бўлган суҳбати эски савол-жавобдан иборат бўлди. Зоҳиднинг хабар етказилган вақт ҳақидаги саволидан сўнг яна «Винни-пух» мултфилми тилга олинди. Зоҳид ортиқча майдаламай, суҳбатни тезда якунлаб, изига қайтди. Ойсанам эса бу қисқа ташрифдан муддао не эканини англамай, гангиди.

3

Прокуратура терговчиси келиб-кетмасидан олдин Ойсанамнинг маҳзун кўнгли тор қафасда нола қилаётган қуш каби эди. Ғам-аламлардан фориғ бўлармикинман, деб хориж сафарини орзу қилган эди, бу ҳам чиппакка чиқди. Ҳамма учун йўл очиқ бўлган Японияга бориб-келишга ижозат берилмади. «Ҳужжатларингизда чалкашлик бор экан», дейишди-ку, бироқ, бу чалкашлик айнан нимадан иборат экани тушунтирилмади. Улар изоҳ беришмаса ҳам Ойсанам бу монеликни эрининг ўлими билан боғлади.

Кўнглининг маҳзунлик тўрида нола чекишига яна бир сабаб бор эди. У Кесакполвоннинг маслаҳати билан прокуратурага борди-ю, қайтиб чиқишининг ўзидаёқ адашганини фаҳмлади. Акаси қамоққа олингани-да уйга келишиб тинтув қилишган эди. Янгасининг муҳтожликда яшамаслиги буларга ойдай равшан эканини ҳисобга олмаган экан. Ойсанам бу терговчи ҳам бориб танишар, деган фикрда прокуратурадан чиқиб акасиникига йўл олди. Кўзга ташланиши мумкин бўлган қимматли жиҳозлар йиғиштирилиб, қудахоланикига жўнатилди. Ойсанам аввалги келганида янгаси «Эрим сенинг эрингнинг касрига қолди, бекордан бекорга азоб чекиб ўтирибди», деган маънода ғишава қилган эди. Ойсанам «Сенлар менинг эримнинг соясида яйраб яшадинглар», деган гап билан узиб-узиб олмоқчи эди, лекин кичик ғалва катта жанжалга айланиб кетмасин деб тилини тийган эди. Бу сафар ҳам янгасининг минғир-минғирлари пичоққа айланиб, суякка қадалса-да, чидади.

Акасиникидан қайтгандан кейин кўчага чиқишлардан безиб, ўзини ўзи уй қамоғига ҳукм этди. Ҳатто нон дўконига чиқишга ҳам оёғи тортмай, қўшни болаларни ишга солди.

Эрининг ўлимидан сўнг назарида бу уй оғзи очиқ аждаҳога ўхшаб қолган эди. Айниқса шом қоронғулигини юрак ҳадиги билан қаршиларди. Хонадонга мавжуд барча чироқларни ёқиб қўйса-да, қоронғулик қўрқуви чекинмасди. Онаси келиб турса ҳам, ўзи онасиникига борганида ҳам бу аҳвол ўзгармас эди. Қоронғулик гўё гўрдаги эрини уйғотарди. Ҳаётлигида хўрсинмаган эри ўлганидан кейин келиб ҳар тун хўрсинарди. Ойсанамнинг уйқуси келса-да, ухлолмасди. Ширин уйқудаги ўғлига тикилиб ўтираверарди.

Бу уйда яшай олмаслигини билиб, сотишга қарор қилди, бироқ, эрининг ўлимига тааллуқли иш бир ёқлик бўлмагунига қадар қарорини амалга оширишни кейинга сурди.

Кеча, дунё кўзларига қоронғу ва тор кўринаётган дамда Кесакполвон келиб, кўнгли янада хуфтон бўлди. Кесакполвон аввалги сафар муддаосига етолмагач, уни ҳақорат қилиб чиқиб кетган эди. Ойсанам бу хорликка чидолмай йиғлаган, сўнг «сўкиб, юрагини бўшатиб олди, энди даф бўлади», деган хаёлда ўзини ўзи овутган эди. Кесакполвоннинг яна кириб келиши уни оғир аҳволга солди. Кесакполвон ўзини меҳмон эмас, уй хўжаси каби тутиб, аввалига чой буюрди, сўнг коняк сўради. Айтганлари муҳайё бўлгач, жувонга ёнидан жой кўрсатди. Иккинчи қадаҳни узатиб, ичишни амр этди. Ойсанам ичмас ҳам, айрим замонавий аёлларга қўшилиб, чекмас ҳам эди. Қайси бир зиёфатда ўша ўзларини маданиятли санаган хонимлар даврасида сигарет тутилганда у олмаган, «вой, қанақасиз, чекмайсизми?» деган танбеҳли саволга «яқинда ташлаганман», деб жавоб бериб қутулган эди. Ҳозир Кесакполвонга бундай дея олмасди. Шу сабабли қадаҳни олиб, лабига теккизиб қўйди. Кесакполвоннинг шилқимлиги бошлангач, кўкрагидан итариб, ўрнидан туриб кетди. Бу сафар ҳам қуруқ қайтишини англаган Кесакполвон яна тилига эрк берди. Аввал Ойсанамнинг ўзини балчиққа булғаб ташлади, кейин «еринг ундай эди, бундай эди», деб тилига келганини қайтармади. Бу гаплар орасида Ойсанамга янгилик бўлгани — эрининг таксопаркда катта хатога йўл қўйиб Бек акаси олдида гуноҳга ботгани, Кесакполвоннинг меҳри-оқибати туфайли афв этилгани, яна айнан Кесакполвон марҳамати билан Ҳосилбойвачча қўлидаги заводнинг олиб берилгани эди. Бу марҳаматлар «Мавлоннинг чиройли қошу кўзлари учун» эмас, балки Ойсанамга бўлган ишқу муҳаббати туфайли экани ҳам шу ҳақоратлар орасида маълум бўлди. Кесакполвоннинг кетар чоғида «Аслида ўзинг ҳам эрингнинг ёнида чиришинг керак», дегани жувонга ҳукм каби эшитилиб, оёқ-қўллари бўшашиб кетди. Дастлаб ўзининг жони кўзига кўриниб, ташвишланган бўлса, кейинроқ яна «ўғлимга даф қилса-я!» деган фикр уйғониб, талвасага тушаёзди. Ҳатто «нафсинг гўрда чиригур»ни чақириб, «нафсингни қондир, аммо ўғлимга тегма!» дегиси ҳам келди. Лекин иффат қудрати қўрқув кучидан баланд турди.

Бугун уйқусиз тундан сўнг пича мизғиб, тиниқиб тургандай бўлди. Нонушта тайёрлади. Бир тишлам нон билан икки ҳўплам чой бу дунёда тирик яшаб юрмоқ учун кифоя қиладигандай, томоғидан бошқа ҳеч нима ўтмади. Баъзан овунчоқдай туюлувчи, баъзан эса юракни баттар сиқувчи телевизорни ёқди: зар дўппи кийган ашулачи қўлларини қовуштирганича хониш қиларди. Ойсанам бунақа ашулаларни ёқтирмасди. Ўчиргиси келди. Бироқ, бир байт қулоғига бошқача эшитилиб, аҳдидан қайтди.

Найларам, дарду алам

тортмоқдан ўзга чора йўқ...

Бу байт худди ўзининг қалби қаъридан отилиб чиққандай туюлди. Ашулачи унга ҳамдарддай кўринди:Бу жаҳонга ким келубдурБўлмасун бахти қаро...Қўшиқ дарду алам тортмоқдан ўзга чораси қолмаган Ойсанамнинг ҳасратларини тўзитиб юборди. Эрининг ўлимидан сўнг ўзини дунёда энг бахти қаро аёл деб ҳисоблаётган Ойсанам маъсуд кунларининг қайтишини жуда-жуда истарди. Бу истакларнинг амалга ошуви ёмғир томчиларини изига қайтариш каби эканини эса фикр қилмасди.

XIX боб

1

Ўзбекистонда ҳукмини ўтказа олмаган қиш Томскка кўчган экан. Бу шаҳар Асадбекни изғирин нафаси билан қарши олди. Асадбекни биров расман кутиб олмаган бўлса-да, изидан кимнингдир пойлаётганини ҳис этди. Унга қўлидаги суратлар йўл кўрсатиб, аввал меҳмонхонага борди. «Бугун меҳмонхонамизда жой йўқ» деган эълон осиб қўйилганига қарамай, Асадбекка энг шинам хона тегди. Унинг ихтиёрида бир неча соатча вақт бор эди, озгина дам олиб, сўнг керакли одамлар билан учрашиб, тонгда эса шу учоқнинг ўзида изига қайтмоғи зарур эди. Ювиниб, бир оз ётган бўлди. Ке-йин кўчага чиқиб, йўловчи машина ёллади-да, суратда акс этган кўчадаги уйни мўл борди. Чамаси ўн беш дақиқа уй атрофида юрди. «Суратга ишониб, адашгандирман», деб хаёл қила бошлаганида тўр халтасига икки шиша қатиқ, битта нон солиб олган қария унга яқинлашди-да: «Сартарошхонанинг рўпарасидаги оқ «нол тўққиз»ни кўряпсанми, сени ўша ерда кутишяпти», деб нари кетди. Асадбекка бу эҳтиёт чораси малол келди. «Балабуха зўр бўлса ўзининг шаҳрида ҳам соясидан қўрқадими?» деб машинаси сари юрди. Кўчани кесиб ўтаётганида машина мотори ўт олдирилди. Олд ўриндиқдаги йигит қимирламагани сабабли Асадбек орқа эшикни ўзи очиб, индамай ўтирди. Машина қўзғолиб, нари кетгач, ҳайдовчи ҳам, ёнидаги йигит ҳам орқасига ўгирилмай салом бердилар. Уларнинг бу қилиқлари Асадбекка янада малол келди. Улар саломдан нарига ўтишмади, Асадбек ҳам гапга тутмади.

Асадбекни шаҳар ташқарисидаги қароргоҳда кутишаётган эди. Козлов салом-аликдан сўнг Балабухани таништирди-да, Асадбекнинг ғашини келтирган эҳтиёт чораси учун узр сўради.
— Биз билан алоқа ўрнатганингни ҳозирча биров билмагани маъқул, — деб изоҳ берди Балабуха.

Козлов оиласини паноҳига олгани учун Асадбекка миннатдорлик билдириб, Муҳиддин отанинг ҳол-аҳволини сўради.
— Уйларини ёқиб юборишибди, эшитдим, — деди у. — Айб менда, у ёққа бормаслигим керак эди. Сен оқсоқолга узримни етказ, бу ишлар тинчигач, биринчи галда уйларини қурдириб бераман.
— Шарт эмас, — деди Асадбек, — ота энди у ёққа қайтиб бормайдилар.
— Барибир узримни етказ. Бизнинг ўйинимиз деб яхши одамлар жабр чекмасликлари керак. Охирги вагонни деб иккаламиз куйиб қолдик, Бек. Унинг ҳаққи тўлалигича менинг бўйнимда, тийин-тийинигача тўлайман, хавотир олма. Истасанг... оиламни гаров сифатида ушлаб тур.

Бу гапдан сўнг Асадбек Козловни биринчи марта кўраётгандай қаттиқ тикилди. Балабуха эса «Бу таклифга қандай жавоб бўлар экан», деган ўйда Асадбекка зимдан қараб ўтирарди.
— Сен эсингни еб қўйибсан, Лёша, — деди Асадбек Козловдан кўзларини узмай. — Агар оилангни шунақа арзон-гаровга қўйишингни билганимда уларни бир соат ҳам ушлаб турмас эдим. Гаровга қўйгинг бор экан, Хонгирейга бериб юборавермайсанми? Нима қилардинг уларни сарсонликка гирифтор этиб.

Асадбекдан айнан шундай танбеҳ кутган Козлов жилмайиб, миннатдорлик сифатида уни аста қучди.
— Сен ҳақсан, — деди Балабуха. — Ҳаммамиз шундай бўлишимиз керак. Пул — топиладиган, йўқотиладиган нарса. Оила эса — муқаддас! Менинг хотиним, фарзандларим йўқ. Мен ёлғизман. Шу туфайли оиланинг беқиёс даражада муқаддас эканини мен сенлардан яхшироқ биламан. Бек, мен сенга қойилман, чақирувимизни тўғри тушуниб, манзилни адашмай топиб келдинг. Тбилиси орқали келганинг ҳам менга маъқул бўлди.

Асадбек Тбилисига қандай мақсадда кириб ўтганини тушунтириб ўтирмади.
— Алексей Петрович билан маслаҳатлашиб, кучларни бирлаштириш қарорига келдик, — деди Балабуха.
— Қайси кучларни, нима мақсадда, кимга қарши?
— Хонгирейга қарши, — Балабуха «Жавобим сени ажаблантирдими?» дегандай Асадбекка саволомуз қаради.

Унинг мақсадини англаб тургани учун ҳам Асадбек жавобдан таажжубланмади. Қўшимча савол ҳам бермади, мезбоннинг гапини ҳам бўлмади.
— Хонгирей қоидани бузиб ўйнаяпти, — деди Балабуха. — Чегарадан чиқаверадиган одам жазоланиши керак. Сен бизларга қўшиласанми?

Асадбек Козловдан элчи келиб, Томскка отланганида Хонгирейга тааллуқли бирон гап чиқишини кутган эди. Аммо кучларнинг бирлашуви ҳақидаги гап унинг учун янгилик бўлди. У фурсати келганда Хонгирейни жазолашни истарди, аммо шу кунларда очилажак урушга тайёр эмасди, аниқроқ айтилса, бундай истак йўқ эди унда. «У ёқда Илико тиш қайраяпти, бу ёқда булар. Икки ўртада менинг вазифам нима бўларкин? Булар бир-бирларининг мақсадларидан хабардормикинлар?» Асадбек Козловни яхши билгани, унга ишонгани билан сир айтишни маъқул кўрмади.
— Қайси кучлар бирлашиши керак? — деб такрор сўради Асадбек.
— Мен, Алексей Петрович ва сен. Ҳозирча шуни билсанг етарли.
— Менда ҳозир куч йўқ, ўйиндан чиққанман. Ҳамма иш шеригимнинг бўйнида, — деди Асадбек.
— Ҳайдарми? — деб ажабланди Козлов. — Сен унга ишондингми?
— Унга Хонгирей ишонди, шунинг ўзи кифоя.
— Сен адашибсан, — деди Козлов.

Асадбек у билан баҳслашишни истамай, хотиржам равишда:
— Баъзан адашиб туриш ҳам керак, — деб қўйди.
— Баъзан мумкин, лекин ҳозир хато қилишга ҳаққинг йўқ, — деди Балабуха.
— Хонгирей Ҳайдарга ишонган бўлса... демак, шеригинг қорадорига аралашибди, — деди Козлов бир оз ўйчан тарзда, сўнг нимадир эсига тушгандай Асадбекка савол берди: — Ҳалим дегани сенинг йигитинг эмасми?

Козловнинг бу саволи Асадбек учун кутилмаган бўлди:
— Ҳа, унинг изини йўқотиб юрувдим.
— Изини Красноярскдан топасан, — деди Козлов маънодор оҳангда, кейин изоҳ берди: — Ҳалиминг наркокурер эканини билармидинг? Уни милитсияга рўпара қилишган. Милитсия уни менинг уйимда кутиб, шу ерда қамоққа олган. Ҳозирча у ҳеч кимнинг номини тилга олмаган.
— Истасанг, биз уни қутқариб олишимиз мумкин,— деди Балабуха.
— Йўқ, истамайман, — деди Асадбек, — Ким юборган бўлса, ўзи қутқараверсин.
— Гапинг тўғри, — деди Балабуха, — биз қутқарсак, уйга борганида омон қолмайди. Яхшиси озгина чидаб ўтиргани маъқул. Улар бир ўқ билан икки қуённи уришмоқчи. Биттаси — наркокурерни рўпара қилиб, милитсиянинг кўнглини олишди. Энди бу ёғи кўкчи-роқ — бемалол келиб кетаверишади. Иккинчиси — энди қадрдонимиз Козлов жанобларини милитсия ҳам қидиради. Эрта-индин иттифоқ қидируви эълон қилинса мен ажабланмайман. Мўлжаллари ёмон эмас, а? Красноярскда «Шурка лўли» дегани бор, эшитганмисан? Қорадорига ишинг тушмаган бўлса, уни танимайсан. Унинг бутун уруғ-аймоғи яралганидан бери от ўғриси бўлган. Бобоси Колчакдан от ўғирлаб қизилларга сотаркан, қизиллардан ўмариб, колчакчиларга пулларкан. Охири Колчакнинг қўлига тушиб осилган экан. Красноярскда гражданлар уруши қаҳрамони Макар Квасов номидаги кўча бор. Макар — Шурка лўлининг ўша ўғри бобоси. Бир юмалаб қаҳрамонга айланган. Шурка лўли ҳам бир юмалаб от ўғрисидан «наркобарон»га айланди-қўйди. Алексейнинг илдизига аслида ўша болта урди. Мен кўп айтдим, лўли билан пачакилашма, дедим. Хонгирейнинг иши энди шу билан пишяпти. Сенинг шеригинг ҳам шу занжирнинг бир ҳалқаси. Ўйиндан чиқдим, деб хомтама бўлма, бизнинг ишимизда фақат ўлган одам ўйиндан чиқади. Одам йўқми, демак, муаммо ҳам йўқ. Сел келса, барчани баравар олиб кетади. Бу киши ўйинда йўқлар, деб ўзанни ўзгартирмайди. Сен таклифимизга ҳозир жавоб берма. Ўйлашинг учун фурсат етарли. Биз — ўғрилармиз, ҳалол одамлармиз, сен буни яхши биласан. Уйингга қайтганингда сенга учрашган йигит яна ҳузурингга киради. У Алёшанинг оиласини бу ерга олиб келиши керак. Сен эҳтиёт чорасини қилиб қўй. Эрталаб Тбилисига учмоқчимисан? Яхши. У ердан Москвага уч. Хонгирейнинг отаси ўлган, кўнгил сўраб қўй. Ҳозир бу ҳам муҳим. Балки... бирон нима деб гапидан илинар. Пайти келганда сени яна йўқлаймиз.

Шу билан ишга доир масалага якун ясалиб, учрашувнинг зиёфат қисми бошланди.

2

Москвага учиб келган Асадбек уйга қайтиш чорасини қилиб қўйгач, Хонгирей билан боғланди. Хонгирей қадрдонини орзиқиб кутиб, ниятига етган бахтиёр одам оҳангида гаплашиб, учрашиш нияти борлигини, уч соатдан сўнг «Будапешт» ресторанида кутажагини билдирди. Уч соатдан сўнг Асадбек Москвадан учиб кетиши лозим эди. Хонгирей буни билиб туриб атай шу соатга белгиладими ё тасодиф бўлдими — Асадбекка қоронғу эди. «Барвақтроқ учраша қолайлик», деб илтимос қилишни ўзига эп кўрмай, кўнди.

У белгиланган вақтдан беш дақиқа аввал борди. Хонгирейнинг йигити уни кутиб олиб, одамлардан холи бўлган кичик хонага бошлади. Ўн кишига мўлжалланган стол усти дид билан безатилган эди. Буни кўрган Асадбек «яна бошқа одамлар ҳам бор экан-да», деб ўйлади. Хонгирей роппа-роса бир соат кечикиб келди. Ресторан хизматчисининг «нима буюрадилар», деб кириб тургани ҳисобга олинмаганда Асадбек ёлғиз ўтирди. Хонгирей кечикканининг сабабини ҳам айтмади, узр ҳам сўрамади. Асадбек билан қучоқлашиб, юзини юзига босиб омонлашди-да, ўтиришга улгурмай, амрга маҳтал турган хизматчига «қуй» деб имо қилди. Хизматчи икки қадаҳни тўлдиргач, Асадбекка «гапирасанми?» дегандай қаради. Асадбек телефонда таъзия билдирган эди, ҳозир ўша гапни такрорлади:
— Отангни худо раҳмат қилсин.
— Ҳа, албатта. Қани, ол! — Хонгирей шундай деб қадаҳни олди-да, ҳаволатиб чўқиштиргач, бир кўтаришда бўшатди.

Асадбек Кесакполвоннинг «мусулмончилиги бор-да шу йигитнинг» деган гапини эслаб ғижиниб қўйди.
— Ичмайсанми? — деди Хонгирей.
— Бизда таъзияга келганлар ичишмайди, — деди Асадбек.
— Аҳмақона одатларинг кўп сенларнинг. Ўлган одам ўлиб кетди, сен тирикларни ўйла.
— Хонгирей! Ўзимга тегишли даъволарингни гапирсанг гапир, аммо одатларимизни ҳақоратлама. Биз — ўзбеклармиз, одатларимизни ҳамма нарсадан устун кўрамиз. Индамас, мўъмин экан, деб бошга чиқувчилар кўп янглишишган.

Асадбекка Хонгирейнинг гапи қанчалик ёқмаган бўлса, Хонгирей ҳам унинг айниқса сўнгги жумласидан шунчалик аччиқланди. Аммо суҳбатни асабий тарзда бошламаслик учун сир бой бермади.
— Мен чиройли гапиришни билмайман, жон қардош. Кўзимга аҳмақона кўринган нарсани аҳмақона деявераман.
— Чеченларда аҳмақона одатлар йўқми?
— Ў, қардош, сен энди майдалашма. Бу биз талашадиган нарса эмас. Буни ана, файласуфларга, шоирларга қўйиб бер. Сен мени чечен, ўзингни ўзбек деб ажратма, сен билан менинг миллатим бир, биз битта оламнинг фуқароларимиз. Фарқимиз фақат бир нарсада — сен қиморбозсан, мен ўғриман!

Хонгирейнинг тилидан учган бу сўзлар ҳақиқат бўлса-да, Асадбек буни тан олгиси келмади. Агар Хонгирей фикрини давом эттириб «сен билан менинг борар ерим ҳам бир — дўзах» деганида Асадбек буни ҳам тан олгиси келмас эди. Кимдан эшитгани ёдида йўқ — Жалилми ё Собитхонми, ё бошқасими, «дўзах қават-қават бўлади. Одам гуноҳларининг миқдорига қараб жойлашаверади», деган эди. Агар дўзах ҳақида сўз очил-са Асадбек шубҳасиз: «Эй Худо, дўзахга лойиқлигимни биламан, фақат мени бу мараз билан бир қаватга қўймагин, майли, мени энг тубан, энг азобли қисмига ташлагин, бу итдан тарқаган билан бирга бўлмасам бас», деган бўларди. Агар одамларга эмас, ўз нафсига зулм қила олиш саодат эканини билганида эди, Яратгандан бошқа нарсани сўрарди, «Ожиз иймонимга қувват бер, бу оламнинг фуқаролигидан чиқариб Ҳидоят йўлига бошла, дўзахда у билан учраштирма», деб муножот қилган бўларди. Иймонига қувват киргач эса, «бу биродаримга ҳам ҳидоят бер, уни дўзахилардан қилма», деб дуолар қилиши мумкин эди. Афсусларким, бу каби дуолар унга бегона эди... У ўзини банда сифатида Хонгирейдан устун қўяди, зулмдан кўра шафқатга яқинларданман, деб ҳисобларди. Вақтики келиб, зулм билан шафқат тарози паллаларига қўйилганда қандай ҳолат юзага келмоғини тасаввур эта олмасди. Бировга адолат қилиш, бошқасининг ноҳақ сотилган уйини қайтариб бериш савоблари шафқат палласининг оғир келишини таъминлайдими ёки йўқми, буни сизу биз билмаймиз. Бу ёлғиз Оллоҳнинг ўзига маълум.

Ҳозир эса икки гуноҳкор банда бир-биридан нафратланиб ўтирибди.— Бек, — деди Хонгирей асосий мақсадга ўтиб, — сенинг одаминг менга хиёнат қилди. Мен жуда каттага тушдим.Асадбек гап Ҳалимжонга тақалганини англаса ҳам, тушунмагандай елка қисди:
— Қайси одамим? Қанақа хиёнат қилди?
— Ҳалим деган одаминг борми? У анқов катта мол билан қўлга тушган.

Асадбек кулимсиради.
— Мен кулгили гап айтдимми?
— Агар арава қуласа олиб ташланган эски мурват айбдор бўладими ё янги қўйилганими?

Хонгирей ўзининг гапини эслаб, ғижиниб қўйди.
— Аввалги учрашувимиздан кейин, — деди Асадбек гапини давом эттириб. — Мен бутун ҳокимиятни, шунинг орасида одамларни ҳам Ҳайдарга топширганман. Ҳалимнинг қаёққа, қанақа мол билан борганини билмайман.
— Наҳот билмасанг? — Хонгирей унга киприк қоқмай тикилди.
— Билмайман княз, билишни ҳам истамайман.
— Агар хоҳласанг у болани чиқартириб юбораман.
— Хоҳламайман. Бу сенинг ишинг. Сен билан иш ҳақида гаплашишни истамайман. Мен сени тўйга таклиф этгани келятувдим, йўлда отангнинг ўлганини эшитдим.
— Кимдан эшитдинг?
— Анзор «Анаконда»дан.
— Тбилисига нега бординг? Анзорда ишинг бормиди?
— Мен Анзор билан ҳеч қачон бирга иш қилмаганман. Ҳозир ҳам чатоғим йўқ. Мен Суликонинг бобосини тўйга айтгани бордим. Таъзия ҳам билдирдим.
— Мен тўйинг ўтиб кетди, деб ўйлабман.
— Биз дўстларсиз тўй қилмаймиз.
— Сен мени дўст деб биласанми? — Хонгирей заҳарли кулди. — Раҳмат, раҳмат. Мендан аразлаб душманга айлангандирсан, деб ўйловдим.
— Мен аразлайдиган ёшдан ўтганман.
— Умуман, Бек, сен бекорга четга чиқдинг. Чин дўст бўлиб ишлайверсак бўларди. Сен мени тушунмадинг. Боболаримга қилич солганларнинг зурриёдини қора дори билан «сийлайман». Сенлар ҳам жабрдийдасанлар-у, аммо сенда ғурур йўқ.
— Сен ҳали қилаётган ишларингни ғурур деб ўйлайсанми?
— Сен-чи? Нима деб ўйлайсан?
— Бегуноҳ одамларни қириш ғурурга кирмайди, ёвузлик бўлади. Сенинг қорадоринг кофирни мусулмондан, славянни чечендан ажратиб ўтирмайди. Сен ғурур деб ўзингни алдама, менга ҳам таъна қилма. Ўзинг сўрадинг, энди очиғини айтаман, ранжима, сен айтган ғурур — оқиб келадиган пул, бошқа нарса эмас. Пул оқиб келмаса ғуруринг ҳам сўнади. Сен адашяпсан, княз, оқибати яхши бўлмайди.
— Ҳм... оқибатни сен белгилайсанми?
— Йўқ.
— Ҳа яхши, кўрамиз. Очиқ гапирганинг учун раҳмат. Бу гапинг чиндан ҳам дўстона бўлди. Мен оқибатни сен билан бирга кўришни истардим. Менинг ҳақлигимни сен ҳам кўр. Унгача ўлиб қолма. Бек, хўпми? Қани, энди тўйинг қачон, айтмайсанми?

Асадбек тўй кунини айтгач, Хонгирей узун ҳуштак чалиб қўйди:
— Ўша куни мен Полшада сайр қилиб юрган бўламан. Менинг амаким Краковни озод қилишда ҳалок бўлган экан, отамнинг васияти билан кетяпман. Се-нинг тўйингга эса... Маматбей боради. Ранжима, жон қардош.

Хонгирей ўрнидан туриб, Асадбекни қучди. Бир оздан сўнг меҳмонни кузатиб қайтган Маматбейни Хонгирей норози қиёфада қаршилади:
— У тўй қиляпти. Ўғиллари соғломга ўхшайди-ку?
— Унчалик эмас, мен хабар олиб турибман. Бир туриб, бир ётяпти. Узоққа бормайди, бу ёғи ишонч-ли.
— У анча дадиллашиб қолибди. Менга ақл ҳам ўргатди. Бунга нима дейсан?
— Княз, у эртага бутунлай синиб, чилпарчин бўлиб кетадиган одам.

Маматбей унга шу тарзда тасалли бермоқчи бўлди. Бу гаплар Хонгирейга тасалли учун кифоя қилмади.

Ясатиғлиқ дастурхон ясатиғлиғича яна меҳмон кутарди. Дастурхон Асадбек учун тузалмаган, хос меҳмонлар энди келишлари лозим эди. Учрашув вақти ҳам улар билан келишув асосида белгиланиб, Асадбекнинг «мени йўлдан қолдириш учун атай шу соатга чақирди», деган гумони ўринсиз эди. Хонгирей унинг Тбилисига учганини эшитган, бироқ, Москвага келиб, йўқлашини кутмаган эди. Шунинг учун ҳам Асадбекнинг соат нечада учиб кетишидан хабарсиз эди. Унинг аслида Асадбек билан суҳбатлашишга кўзи учиб турмовди.

Фақат ўйиндан чиққан «Ўқилон»нинг ранги-рўйини ўзи бир кўриб қўймоқчи эди. Шу сабабли жаҳли чиқса ҳам сир бой бермай, гапни кўпайтирмай унга ижозат бера қолди.

Асадбек ўтирган машина шаҳар ҳудудидан чиқмай туриб ресторанга Хонгирей кутган меҳмонлар кириб келишди. Ўн кишилик жойнинг тенг ярмини Хонгирей, Байгилдин, Маматбей ва ҳар балони қайтаришга шай бўлган икки соқчи эгаллади. Кутилган меҳмон — Бугай икки соқчиси билан келиб, Хонгирейнинг рўпарасига ўтирди. Ташқаридан қараган одам ўғрилар оламининг икки вакили жанжалли масалани ҳал қилишга тўпланган, деб ўйламасди. Аксинча, қуюқ зиёфат устидаги дўстлар даврасига ҳавас қилган бўларди. Давра чинакам зиёфат тарзида бошланиб, икки соатга яқин давом этди. Бир-бирларига яхши тилаклар билдирилди, латифалар айтилди. Яхши тилаклардан эриб кетган Бугай ўрнидан туриб бориб Хонгирей билан қучоқлашиб, ўпишиб ҳам олди. Ёлғон лутфу карамларнинг узоқ давом этмоғи мумкин эмасди. Давра совуй бошлагач, Бугай мақсадга кўча қолди:
— Княз, — деди у эҳтиром билан, — «Орхидея»ни очаётганимда ўзинг менга оқ йўл тилаган эдинг. Мен сенга ўхшаган чапдаст эмасман, нўноқ ўғриман. Шунинг учун ҳам ишларим тошбақа юришда кетяпти. Яна сенинг далдангга муҳтож бўлиб қолдим.

Бугай бу сўзларни шундай осойишта оҳангда айтдики, гўё Хонгирей «Прага» ресторанида ўтирмагандай, гўё Марказий банк хизматчисининг уйига бостириб кирмагандай, уни қўрқитиб олмагандай эди.
— Мен Худога бўйсунмаслигим мумкин, лекин биродарлик қонунига хиёнат қилмайман. Бизнинг орамизда мурувват қилиш йўқ, мажбурият бор. Шунинг учун бўйнига тасма таққан олифталарга ўхшаб мин-ғирламай, гапнинг дангалини айт. Мен эркаклар билан гаплашишни яхши кўраман.
— Чет билан катта ишни бошлаб қўювдим. Иш банкка тақалиб қолди, сен аралашмасанг куйиб қоламан.

Кечагина Хонгирейни бурдалаб ташлашни истаётган Бугай дардини шундай маданий тарзда баён этди. «Сен тумшуғингни тиққанинг учун ишим тўхтаб қолди, банкдан қарз ололмаяпман», деб даъво қилмади. Хонгирей унинг айёрлигига тан берди-ю, лекин эркакчасига «мен атай тўхтатдим, менинг ҳам нафсим бор», демади.
— Фойдани чамалаб кўрдингми?
— Фойда ёмон бўлмайди.
— Энди дўстим, ўғриликдаги биродарлик бошқа, тижоратдаги шерикчилик ўзгача, — деди Хонгирей тагдор оҳангда.
— Шартни айт, — деди Бугай. Ичида эса «биродарлик ҳақида гапирган ит сенмидинг?» деб сўкинди.
— Шахсан мен биродарликни ҳамма нарсадан устун қўяман, — деди Хонгирей худди Бугайнинг хаёлидан кечган гапни ўқигандай: — Ўғри ўғрини қўллагани учун ҳам барчанинг тақдирини ҳал этишга қудрати етади. Лекин тижоратда сарф-харажат деган гаплар бор. Менга сенинг бир тийининг керакмас.
— Шартни айт.
— Йигирма фоиз.
— Княз, унда мен икки бармоғимни бурнимга тиқиб қоламан. Менинг харажатларим кўп, сен беш фоизини ол.
— Бугай, биз бозордаги анқов чайқовчилар эмасмиз-ку, мен сен учун хизмат қиламан, керак бўлганда ҳимоямга оламан. Ўн беш.

Хуллас, чет элга чиқариладиган темир эвазига олингувчи фойданинг ўн фоизи Хонгирейнинг чўнтагига оқадиган бўлди. Унинг розилиги ўша куниёқ банкдаги Марк Абрамовичга етказилгач, Бугайнинг ишлари ҳам юришиб кетди.

3

Асадбекни Жамшид кутиб олди. Хонгирей билан телефонда гаплашмай туриб, уйга қўнғироқ қилган, борар вақтини бидириб қўйган эди. Орага ресторандаги учрашув суқулиб кириб, кейинги учоқда учишини эса маълум қилмаганди. Жамшид салкам тўрт соат кутган бўлса-да, «Бек ака, кечикиб қолдингизми?» деб сўрамади. Машинага ўтиришгач, Жамшид одатига кўра «Қаёққа борамиз?» деган маънода хожасига қаради. Илгарилари сафардан қайтган Асадбек кўпинча уйига эмас, идорасига борарди. У дамларда ёнида Чувринди бўларди... Асадбек Жамшиднинг қарашидаги савол аломатини ўқиб, ўша дамларни эслади. Кўз олдига Чувринди келиб юраги бир оз эзилди. Кейин:
— Уйга ҳайда, — деб буюрди. Машина ўрнидан қўзғолгач: — Сен тўғри фаҳмлаган экансан, Ҳалим Красноярда экан, — деди.

«У ёқда нима қилиб юрибди?» деб сўраб хожасини сўроққа тутиш одоб доирасидан чиқишдай туюлиб, Жамшид:
— Узоқ қолиб кетди-ку? — деб қўйди.
— Қўлига қорадори бериб, милисага рўпара қилишган. Ҳали-бери қайтмайди, бола.
— Ўзи ментлардан бўлса ҳам ўтирибдими?
— Шунга ҳайронман. Ё сен адашгансан, ё у ёқда кимлигини айтмаган. Балки бу ёққа қайтиб вазифасини охиригача етказишни мўлжаллагандир. Сен эҳтиёт бўлиб юр, Энди Ҳайдар аканг кўзига ёмон кўринган болаларни ўша ёққа рўпара қилаверади. Эсингда турсин: Красноярда «Шурка лўли» деган наркобарон бор. Агар мол ўшанинг одамларига берилиши керак бўлса, тинч бориб, тинч келасан. Ундан бошқаси — қопқон. Ҳайдар акангни шу иш ейди. Лекин унгача беш-олти болани нобуд қилади. Сергак бўлиб юр.
— Бек ака, Ҳалимнинг уйидан хабар олиб қўяйми?
— У томонга сира яқинлашма, ишинг бўлмасин.

Жамшид «маъқул» ишорасини қилиб бош ирғади. Бир оз юришгач, йўлдан кўз узиб, хожасига қаради-да, унинг жимиб қолганидан фойдаланиб, ҳисоб берди:
— Бек ака, айтган йигитларингизнинг кимлигини аниқлаб қўйдим.
— Қайси йигитлар эди?
— Ресторандаги... айтувдингиз-ку, қизлар баҳонасида жанжал чиқарганлар.
— Ҳа, уларми? Хўш?
— Сизнинг тахминингиз тўғри чиқди. Фоҳишаларни рўпара қилиб, тентакларни каттага тушираркан.
— Ким экан улар?
— Зўрининг лақаби «Тарзан» экан. Атрофида етти-саккизта итбалиқлари бор.
— Етти-саккизта, дегин? Зўри билан гаплашдингми?
— Йўқ, аввал олдингиздан ўтай дедим.

Бу хабар Асадбекни ўйлантириб қўйди: «Бир зўр чиқиб, етти-саккизта йигитнинг бошини қовуштирган бўлса, ёмон эмас. Битта Ҳосилнинг ўрнига янгиси келибди. Ҳозир тизгини тортилмаса, эртага бошга чиқиб олишади. Кеча ресторанда мени таниб, қочиб қолишди, эртага тап тортмасдан тўғри устимга бостириб келишади-да; «Йўлдан қоч!» дейишадими? Мен-чи? «Охирги нафасим қолганида ҳам сенларни уриб, гарданларингни синдираман», дейманми? Унда бу қуруқ гапдан ким чўчийди?..»
— Сен у болани менга рўпара қил, — деди Асадбек, — ўтирган эканми, аниқламадингми?
— «Тарзан» ўтирмаган. Отаси катталардан экан, ҳар қўлга тушганида қуруқ чиқарган. Отасининг машинасини уч марта олиб бориб урган. Биттасида машина ағдарилиб, тўрт-беш марта юмаласа ҳам ҳеч ери тилинмабди бу боланинг. Шунинг учун «Тарзан» деб лақаб қўйишибди.
— Нинага ўтирмаганми?
— Бу томондан тоза, суриштирдим. Болаларининг иккитаси қуруғидан тортар экан.
— Яхши текширмабсан. Иккита боласи тортса, ўзи четда ўтирмайди. Менга рўпара келганда кўзлари жавдираб турувди. Яна текшир.
— Хўп, — Жамшид бир оз сукут қилгач, яна хожасига қараб олди. Асадбек унинг нимадандир хавотирдалигини сезди.
— Гапинг ичингда қолмасин, айт.
— Ҳозир индамасам, барибир эртами-индин эшитасиз. Қўшнингиз Қамариддин аканинг уйни сотишлари бежиз эмас экан.
— Сен сотишини қаердан била қолдинг?
— Самад билан гаплашганларида қулоғимга чалинувди.
— Энди сабабини билдингми?
— Билдим. Қозидан эшитдим.
— Қозидан? — Асадбек ёмонликнинг нафасини сезиб, сергакланди, — Қани, очиқ айтавергин-чи?
— Қамариддин аканинг ўғиллари нинага ўтирган экан.
— Қайси бири?
— Кенжаси, уйланмагани. Сизнинг номингизни сотиб, «Бек акамнинг жияниман», деб автобазага ишга кирган экан. У ердаги лақмалар бунга ишониб, янги мошина беришган экан, бир ҳафтада уриб, мажақлабди. Бўшатиб юборишга қўрқиб, энди эски мошина бериб қўйишибди.

«Буни отаси билмасмиди? Менга бошқача гапирувди?» — деб ўйлади Асадбек.
— Бола қулоғигача қарзга ботган, — деб гапни давом этди Жамшид.

«Демак, билган. Мақсади уйни сотиб бошқа уй олиш эмас, қарздан қутулиш... Мени нега алдади? Қўрқдими? Ё уялдими?»
— Бугун Қози ота-болани чойхонага чақиртирган. Ҳисоб-китоб бўлади.
— Ҳайдар аканг биладими?
— Ҳа. Сизнинг йўқлигингизда гаплашиб олишмоқчи. Бунақада уй ҳам кетади, бола ҳам кетади. — Жамшид хожасининг ўйга ботганини кўриб, жим бўлди, сўнг сўради: — Қозихонага ҳайдайми?

Асадбек унга ялт этиб қаради, кўзлари ёнди:
— Қозихонада нима бор?! Уйга ҳайда! — деди зарда билан.

Жамшид бу хабарни «агар аралашиб, тўхтатмасангиз, гап айланиб келиб, сизнинг номингизни булғайди», деган маънода айтувди. Асадбек аввалига «баттар бўлсин, буларга одамгарчилик қиламан, деган одамнинг ўзи аҳмоқ», деб ғазабланди. Кейин Жамшид айтолмаган фикр ўзининг хаёлига келиб, жаҳл ўтини ўчиришга уринди. «Менга чиққани бесабаб эмас. Унча-бунча бойваччанинг менга қўшни бўлишга юраги дов бермас. Айниқса бунақа гапдан кейин, биров яқинлашмайди. Ҳа... Ҳайдар олиши мумкин. Олиб менга сов-ға қиладими?!» Шу фикрда тўхтаган Асадбек буюрди:
— Чойхонага ҳайда!

Асадбекнинг кутилмаганда қозихонага кириб келиши қозини ҳам, Қамариддин, унинг ўғлини ҳам довдиратиб қўйди. Даъвогарнинг эса ҳуши учиб, талвасага тушаёзди. Асадбек саломларга алик олди-ю, бироқ, ҳеч ким билан қўл бериб сўрашмади. Хона тўрига ҳам ўтмади. Хожасининг истагини фаҳмлаган Жамшид усти ёғ доғлари билан «безалган» стул устига кўрпача ташлади-да, пойгакка, эшикка яқин жойга қўйди. Асадбек ўтиришдан аввал айбдорларга, даъвогарга синчиклаб разм солди. Қамариддин нигоҳлар тўқнашувидан қочиб, ерга қаради. Чап юзи шилинган ўғли эса нима воқеа юз бераётганини фаҳмламаётгандай карахт ўтирарди. Даъвогарнинг кўзлари олма-кесак терарди. «Бек аканг келгунича ё у ёқли, ё бу ёқли қил бу ишни», деган топшириқни бажараётган Қози эса ажинадан қўрқиб иштонини ҳўл қилиб қўйган бола каби сўппайиб қолган эди. Асадбек ўтириб «давом этсин», деган маънода Жамшидга қаради. Жамшид бу унсиз буйруқни кўз қараши билан Қозига етказди.

Қози аввалги шаштини йўқотган ҳолда сўроғини давом этди. Инсоф юзасидан қараганда гиёҳванд болага эмас, ота — Қамариддинга раҳм-шафқат қилинмоғи даркор эди. Ўзи емай едириб, ўзи киймай кийдириб улғайтирганда, энди роҳатини кўраман, деб умид қилиб турганида бу аҳволга тушмоғи чиндан-да ачинарли эди. Беаёв ҳукмни кутиб турган Қамаридин алҳол аламдан ўз кўксига мушти эмас, тош билан урса-да, хумордан чиқмас эди. Аксинча, қўшниси Асадбек ғазабли кўзлари билан қараш ўрнига кира солиб тепкилай бошлаганида руҳ азобидан қутуларди. Бундан бир неча дақиқа аввал ўғли калтакланганида жонҳолатда ҳимояга ташланиб, «боламни урманглар, ҳаммасига мен айбдорман», дейиши шунчаки тилдан учган нола эмас, балки қалбнинг фарёди эди. Агар Асадбек озгина барвақт келиб унинг бу ноласини эшитганида «Чиндан ҳам айбдор мана шу ота», деб ҳукм чиқарган бўларди.

Қўшнисининг ғариб кўриниши Асадбекда шафқат уйғотмади.

Қиморни ташлаган пайтлари бу ерда эмас, бошқа жойда Асадбекнинг шундай қозихонаси бўларди. Нажот истаганлар иймон мулки ғариб, нафс мулки тўла бу гўшага умид билан келишиб баъзан армон билан қайтардилар. Илтижоли боқишлар, эркакнинг кўз ёшлари, фарёдлар, қасамлар... инобатга олинмас, қабул қилинажак ҳукмга заррача таъсир этмас эди. Ўшанда Асадбек барча ҳукмларини адолатли деб ҳисобларди. Бир томоннинг қувониши, иккинчи томоннинг эса қозихона остонасини ҳатлаб ташқарига чиқиши ҳамон қарғай бошлаши эса уни мутлақо қизиқтирмасди.

Қозига қараб ўтирган Асадбек ўзининг қозилик дамларини эслади.

Қози чайнала-чайнала ҳукмини эълон қилди:
— Бир ҳафтада пул шу ерда бўлсин. Бир ҳафтадан бир соат ўтса ҳам кунига ўн фоиз қўшилаверади. Пул топилади, братан, бола топилмайди, — Қози «шу ҳукм етарлими?» дегандай Асадбекка қаради. Хожасидан бирон ишора бўлмагач, даъвогарга ҳам, айбдорларга ҳам кетишга ижозат берди. Улар хайрлашиб чиқишаётганда Асадбек даъвогарга қараб: «Сен кетмай пойлаб тур», деди.

Учовлари қолишгач, Қози «Бек ака, нарига хонада дастурхонимиз бор эди», деб илтифот қилди. Асадбек таклифга жавоб бермай, унга ўқрайиб қаради-да:
— Ҳар доим шунақа хотинчалишлик қиласанми? — деб жеркиб берди.

Қози бўйнини қисиб, ерга қаради. У яқиндагина ўзини бургут, бошқаларни чумчуқ ҳис қилиб, кўзларни чўқигудай бўлаётганди. Билмади, кимнингдир қар-ғиши тегдими, ўзи патлари юлинган чумчуққа айланди-қолди.
— Нега бир ҳафта бердинг?

Қози аввалги саволдан кейин сукут сақлай олган бўлса-да, бунисига жавоб қайтаришга мажбур эди. Фақат хожасининг мақсадини фаҳмламай гангиди: Асадбек буларга бир ҳафта камлик қилади, демоқчими ё аксинчами? Жавоб тилга келмай туриб, савол янада ғазабли оҳангда такрорланди.
— Бек ака, сизнинг ҳурматингиз...
— Менинг ҳурматимми? Сенга бир нима девдимми? Бошқаларга қанчадан вақт берардинг?
— Ҳар хил... кўпи билан уч кун...
— Буларга нега бир ҳафта бердинг, аммангнинг эримиди?
— Бек ака...
— Яна менинг ҳурматимми? Э, ўғил бола, эпласанг қил бу ишни! Бунақа ишда амма-хола, ҳурмат-пурмат деган гап бўлмайди. Ҳайдар аканг қани? — Асадбек аввалги ҳукмдорлик мартабасида туриб сўрагани учун Қози яна чайналиб қолди:
— Билмасам...
— Қозихонани ёпларинг, демаганмидим?
— Ёпганмиз... Бу... бир бўлиб қолди-да...
— Ундирганингдан кейин қанчаси сенга қолади?
— Тўртдан бири.
— Кам-ку, — деди Жамшид гапга аралашиб. — Сендан олдин милисага борган-ку?
— Худо урсин, буни билмас эдим, — деди Қози саросима билан.
— Боргани аниқми? — деб сўради Асадбек Жамшиддан.
— Аниқ. Милисадагилар «ҳурматли одамнинг қўш-ниси экан, муроса қилиб қўя қолларинг», дебди.
— Милисада бор ақл сенларда йўқ, а? Чақир анавинингни!

Қози хожасининг амрини бир зумда адо этди. Даъвогар киришга улгурмай, Асадбек уни сўроққа тутди:
— Милисага борганинг ростми?
— Ундириш қийин бўлганидан кейин...

Даъвогарнинг гапи оғзида қолди.
— Мен сендан ундириш қийин бўлдими, деб сўрамадим. Милисага бордингми?
— Бордим.
— Бу аканг пулнинг тўртдан бир қисмини олмоқчимиди? Милисага борганинг учун энди тенг ярмини берасан. Қоидаси шунақа, ўғил бола. Сен қарз қилган одам менинг энг яқин қариндошим, аммамнинг ўгай ўғли бўлади. Менинг ҳурматим йўқми, қолган ярмидан ҳам кечиб қўя қолмайсанми?

Асадбек келмасидан аввал қўлдан кетган пулни икки баравар қилиб қайтариб олишга етишай деб турган даъвогарнинг тили айланмай қолди. «Бек ака, сизнинг ҳурматингиз олдида бу пул сариқ чақа», деса жони омон қолади, лекин «пул жигар қонидан бўлади», деганларидек, булар ўлдиришмаса-да, пулга қўшилиб жон ҳам чиқиб кетиши ҳеч гапмас.
— Қани, сен сўраб кўр-чи,менинг гапимга тушунмаяпти бу нусханг, — деди Асадбек Қозига қа-раб.

Қози урмади-ку, лекин ургандан баттар қилиб турт-ди. Даъвогар , бир қалқиди-ю, жонҳолатда:
— Майли Бек ака, — деб юборди. Ҳартугул жони қаттиқ экан, пулдан айрилса ҳам қилт этмади. Аммо кўз олди бир оз қоронғулашди.
— Пулдан осонликча кечаркансан, нима қилардинг одамларнинг бошларини оғритиб? Сен у болани қаердан танирдинг?
— Жияним билан каратега бирга қатнашган экан.
— Жиянинг ҳам қорадоридан тортиб турадими?
— Йўғ-э, Худо сақласин.
— Шунча пулни бирданига бермагандирсан? Нима учун ҳадеб сўрайверади, деб ўйламадингми?
— Ўйладим-ку... лекин... ҳожатини чиқарай девдим.
— Яна қанча бола сендан қарз олиб туради?
— Энди... сўраб келишади... устига озгина қўшиб бераман. Тирикчилигим ҳозир шу...
— Сен лақма болага ўхшамаяпсан. Калланг яхши ишлайди, а? Кўзингни олиб қочма, менга тик қара. Қара, деяпман! Хўш, мен лақмага ўхшайманми? Ёш болаларга қорадори учун пул бериб туришингни сезмасам ҳақиқий лақма бўлардим, шунақами? Шу ишинг учун сени оёғингдан осиш керак. Болаларингнинг каттаси неча ёшда?
— Бек ака, раҳм қилинг...
— Ёшини айт.
— Ўн иккида.
— Ҳа, уч-тўрт йилдан кейин нинага ўтирсин, ке-йин биласан қарз бериш қанақалигини.
— Худо сақласин, Бек ака.
— Сақламайди! — деди Асадбек овозини кўтариб. — Сендақаларни сақлаши ҳечам мумкинмас. Жўна, тур-қинг қурсин, кўзимга кўринма! Агар бошқа касб қилмасанг, ўлдим деявер.

Даъвогар чиқиб кетгач, Асадбек ўрнидан турдида:
— Ҳайдар акангга келганимни айтиб қўй, — деб ташқарига чиқди. Дарвозага етмай тўхтаб, кузатиб келаётган Қозига қаради: — Бу қарорни фақат учаламиз биламиз. Қўшнимга ҳам индамаларинг, уйини сотса сотсин. Хор бўлса, бўлсин. Шунда бошқаларнинг кўзи очилади.

Асадбек шу ҳукм билан қозихонани тарк этди.
— Бу одам Ҳосилнинг сарқитларидан бўлиши керак, бир текшириб кўр. Фақат пулни эмас, қорадорини ҳам қарзга берадиганга ўхшайди, — Асадбек шундай деди-ю, аммо хаёлидаги фикрини охиригача айтмади. Унингча агар даъвогар чиндан ҳам Ҳосилбойваччага тегишли бўлса, энди Кесакполвоннинг қанотидан паноҳ излайди. Балки паноҳ топишга улгургандир, бугунги ҳисоб-китоб ана шу паноҳ остида бўлгандир. У ҳолда бугунми, эртагами Кесакполвон ўртага тушади...

Итининг феъли эгасига маълум, деганларидек, Асадбек бу сафар ҳам янглишмаган эди. Фақат муддатни белгилашда бир оз хатоликка йўл қўйди: Кесакполвон даъвогарнинг бекордан бекор жабр чекаётганини тўйдан кейин айтди.

4

Жалил ошнасининг буйруғига итоат этиб, Муҳиддин отани олиб келди. Сибирдаги номсиз-нишонсиз қабристонда ётган биродарларини ташлаб келиши руҳини парчалаганми ё ота маконнинг ҳавосига кўникиши қийин кечдими, ҳар нечук у илгаригидек дадил эмасди. Шунга қарамай, тўйнинг дарагини эшитиб, баҳонаи узрини айтиб ўтирмасдан отлана қолди. Жалил уни тўғри Асадбекникига бошлаб келди. Манзура Чўлпоной билан Муштарийни келинсаломга олиб чиқди. Муҳиддин ота худди ўз набираларининг бахтини кў-раётгандай тўлқинланиб, кўзларига ёш олди-да, дуо қилди. Кейин Манзурага қаради:
— Раҳматли қайнотангиз «уйга қайтаман, ўғилларимни уйлантириб, келинларимнинг қўлларидан бир пиёладан чой ичсам бутун ғам-андуҳларим тарқаб кетади», деб ишонарди. Унинг бу саодати менга насиб этди. Оллоҳ биродаримнинг умрини ҳам меникига қўшиб, набира келинларнинг саломига алик олиш бахтини ҳам берди.

Муҳиддин ота шундай дегач, тиловат қилиб, ўтганларнинг пок руҳларини эслади. Тўй тадориги билан юрган ака-ука куёв тўралар ош пишгунга қадар келиб, боболарининг қиёматли биродари билан қучоқлашиб кўришдилар.
— Дунёнинг ишлари ажабтовур-да, — деди Муҳиддин ота уларни дуо қилгач, — раҳматли бобонгиз Олмонда юз очган уруш зулмидан азият чеккан эдилар. Сизлар эса унда билим олмоқдасизлар. Сизларга билим бераётганларнинг оталари ёки боболари ҳарб майдонида балки сизнинг бобонгиз билан тўқнашгандирлар, бир-бирларини танимаган, билмаган ҳолда ўлдирмоқ қасдида бўлгандирлар, валлоҳи аълам. Сизларга кўз тегмасин. Оллоҳ сизларни ҳарб майдонига рўпара қилмасин...

Муҳиддин ота бу гапдан сўнг уларга боболари ҳақида сўзлаб берди.

Палов ейилиб, дастурхонга дуо қилингач, Жалил уйга қайтишга изн сўраганда Муҳиддин ота «Мен-чи?» дегандай унга ажабланиб қаради.
— Болалар сизга рухсат берадиганмас, — деди Жалил отанинг мақсадини тушуниб.
— Бўтам қайтганларида келарман, — деди Муҳиддин ота.
— Уйда йигитлар бор-ку?
— Уларнинг йўриғи бўлак. Хонадон хожаси бўлмаса, қолишим дуруст эмас. Мен бирон меҳмонхонада тура турарман.

Бу гапдан Жалил «уйингизга таклиф қилмасангиз кўчада қолмасман», деган маънони уқиб изза чекди. Сир бой бермаслик учун:
— Вой отам, вой отагинамей, — деб кулди. — Бўпти кетдик бўлмаса. Сизни энг зўр меҳмонхонага олиб борай.

Муҳиддин ота унинг гапига ишонган эди. Жалил уйига бошлаб боргач, ўзининг соддалигидан кулди.

Асадбек Муҳиддин отанинг келиб, сўнг Жалилникига кетиб қолганини эшитиб, ошнасидан аччиқлан-ди. Манзура бир пиёла чой ичишга даъват этса ҳам ўтирмай, Жалилникига қараб кетди. Йўлда бозор яқинида тўхташиб, Жамшид учта қоғозхалтани тўлдириб чиқди.

Асадбек Муҳиддин ота билан қучоқлашиб кўришди, ошнасига эса қўл учини берди. Ҳол-аҳвол сўралгач, кутилмаган шошқич сафар туфайли ўзи боролмагани учун узр сўради. Ана шундан кейингина Жалилга қошларини чимириб қаради.
— Ҳа, яна нима бўлди, менга заҳрингни сочмоқчимисан, сочавер, отам сенинг феълингни биладилар, уялма, — деди Жалил.
— Отамни бошлаб келганинг учун раҳмат. Лекин ошнажон, кулбадеккина бўлса ҳам уйимиз бор эди, ё уйимдан илон чиққан эканми?

Жалил ширингина жавобини тайёрлаб турган эди. Муҳиддин ота бунга йўл қўймай, Асадбекка ўзининг узрини айтди-ю, икки ошна орасидаги масалани оппа-осон ҳал этди. Асадбек бир поғона пастга тушиб, гинахонлигини бас қилгач, «қани, кетдик», деб ўрнидан турди. Ана шунда заҳарли сўз игналарини санчиш навбати Жалилга тегди. «Ҳа, укахон, камбағалларнинг уйидан илон чиқдими?» деб, хумордан чиққунча гапирди. Асадбек унинг кинояли, зил-замбил гапларини тинглашдан ўзга чораси йўқ эди. Муҳиддин ота икки ўртоқнинг ғаразсиз истеҳзоларини, қочиримларини кулимсираганича эшитиб ўтираверди. Оқибат — Асадбек ҳали моши очилмаган мошхўрданинг пишишини кутишга мажбур бўлди.
— Отамни кўч-кўронлари билан кўчириб келавермабсан. Айтаман, деб хаёлимдан кўтарилибди, — деди Асадбек Жалилга. Сўнг Муҳиддин отага қаради. — Ота, ўзингиз тўйбошисиз, тўйдан кейин ҳам силжиш йўқ, набираларингизни дуо қилиб шу ерда яшайсиз.
— Худди отангизга ўхшаган меҳрибонсиз, бўтам. Ҳамонки бу ёқларга қайтдимми, энди киндик қоним тўкилган жойда яшай.
— Менинг бир ниятим бор, йўқ десангиз, қаттиқ ранжийман.
— Қани, айтинг-чи?
— Маҳалламиздаги масжидимиз битиб қолди. Энди унга яхши бир имом керак. Нима дединг, Жалил, отам имомлик қилсалар узукка кўз қўйгандек бўладими?

Жалил маъқул ишорасини қилишга улгурмай, Муҳиддин ота инкор этди:
— Ҳай, ҳай, бўтам, асти-асти бўлмайдирган юмушни юкламоқчисиз. Имом — олим бўлиши керак. Бандада бунақанги илм йўқ. Мени гуноҳга ботираман, деманг.
— Жалил, сен гапиргин: иккита кичкинагина сура билан тўртта ҳадисни дастмоя қилиб юрадиган имомлар камми? Отам уларнинг олдида профессорлар-ку?!
— Асад тўғри айтяпти, — деди Жалил ўртоғини қувватлаб. — Қайси бир жумада эски шаҳардан сал наридаги маҳаллага йўлим тушиб, масжидга кирувдим. Сен айтгандақа имоми бор экан. Нима эмиш, одамнинг сочлари антеннамиш, нариги дунёдаги тўлқинларни қабул қилиб оларканда, шунда одам туш кўраркан. Шунда ёнимдаги бир намозхон «Ие, буниси қизиқ бўлди-ку, кал бошларда антенна йўқ-ку, туш кўрмайдими?» деб мендан секингина сўради. Менинг шайтоним қўзиб, «уларнинг кал боши — параболический антенна!» деб қўя қолдим. Бемаъни гапи тугармикин, десам, Худонинг мўъжизаларидан гапира туриб «ўрик нима учун сариқ, биласизларими?» деб ўзи жавоб беряпти: нима эмиш, ўрикни кўп еган одам ичкетар бўлармиш. Шунинг учун ўрик сариқ рангда яратилганмиш.

Асадбек буни латифа сифатида қабул қилиб кулди. Муҳиддин ота эса «Астағфируллоҳ!» деб бош чайқади.
— Шундай шоҳона масжидга ўшанақа телба-тескари одам имом бўлиб келсинми? — деди Асадбек.
— Насиб қилган одам келиб қолар.
— Ҳеч бўлмаса сўфилик қиларсиз?

Бу гапдан Муҳиддин ота кулди.
— Мендақа қари одамнинг сўфи бўлганини қаерда кўргансиз? Ўзимнинг овозимни ўзим зўрға эшитаман, мен азон чақирсам масжиднинг деворидан нарига ўтмас.— Хўп, унда қоровул бўласиз. Жалил, сен нима дейсан?— Худонинг уйида қоровул бўлмайди.
— Оббо, сен ҳам жуда тор оласан-да. Масжиднинг ёнидан ўтадиган одамларнинг ҳаммаси Худодан қўрқади, деб ўйлайсанми? Биттасининг бўлмаса иккинчисининг кўзига гилам чиройли кўринса, буклайди-ю, олади-кетади. Ё бўлмаса Худонинг уйидан табаррук деб кўтаради. Номи қоровул бўлмаса ҳам қараб турадиган одам керак. Ҳаж қилинадиган пайт ёздами? Ана, ке-йин Ҳажга ҳам борамиз.
— «Борамиз» деганинг кимлар? — деб сўради Жалил.
— Отам, сен, мен.
— Сен? Сен Маккаи мукаррамага борасанми? Аввал пешонанг жойнамозга тегсин.
— Буниси ҳам вақти билан бўлади, ошна. Сенам туғилишинг билан намоз ўқимагансан. Маккага борилса бутун гуноҳлар ювиларкан.
— Ол-а, — деди Жалил қўл силтаб. — Маккаи мукаррама сенга ҳаммомми, гуноҳларни ювиб ташлайдиган. Сен гуноҳларингдан шу ерда қутулиб, у ёққа покиза бўлиб боришни ният қил. Бу йил отамни юбориш керак.

Муҳиддин отанинг шундай нияти бор, сафар харажатларига лойиқ маблағи ҳам етарли эди. Шу сабабли «қўйинглар, бўтам, қўйинглар», деб баҳсга якун ясади.

Бу орада Жалилнинг хотини косаларда қайноқ мошхўрда олиб кирди.

Овқатланиб бўлиб кўчага чиқишаётганда Асадбек Жалилни четга тортиб:
— Раҳмон табибникига ўтмадингми? — деб сўради.

Жалил шу саволни кутиб турган эди, жаҳл билан унинг енгини силтаб тортди-да:
— Худо сенга миллион бойлик берган-у, тариқча ақлдан қисган, — деди, — билиб қўй, сенинг керилишингни мен кўтараман, бошқалар ҳазм қилишолмайди. Лайчанг буйруғингни менга етказди, Бек акахон. Биз қулингизмиз-да, айтасизу кетаверасиз. Биз бажариб турамиз. Отамга раҳмат, малол олмадилар. Табибга ўзинг борасан. У мени эмас, сени даволаган, мен эмас, сен тўй қиляпсан. Сал отдан тушинг, ҳов бойвачча...

Ҳозир жавоб қайтаришнинг ўрни эмасди. Ундан ташқари Жалил тўғри гапираётган эди.

XX боб

1

— Тўёнани гаплашиб олсак бўларди, бирпас ўтиришга ҳам тоқатингиз йўғ-а?

Кесакполвон тўёна масаласини аллақачон ҳал қилиб қўйган: куёв тўраларга инъом этилажак иккита оқ «жигули» эгаларига маҳтал эди. Шу сабабли у хотинининг ғишавасига эътибор бермай:
— Латта-лутталарингни ўзинг биласан. Бошимни қотирма, — деди.
— Вабше тўйни неудобна пайтда қилишяпти. Чут кейинроқ суришса, Япониядан классний материаллар олиб келардим.
— Бориб айтгин, бир-икки ойга суришади. Ўзи сенга ўхшаган битта аҳмақ маслаҳатчига муҳтож юришибди.
— Фу, дарров устимдан кулишни бошлайсиз. Сизга вабше гапириш керакмас.

Хотини бурилиб чиқиб кетаётганида телефон қўнғироғи жиринглаб, Қози Бек акасининг келиб кетганини маълум қилди. Бу хабарни эшитган Кесакполвон сапчиб тушаёзди. У Асадбекнинг Москвага ўтганини эшитиб, ташвишланиб юрганди. Мўлжалича собиқ хожаси эртага эрталаб келмоғи лозим эди. Барвақт келиши, устига-устак қозихонага бостириб бориши уни бир оз гангитиб қўйди. «Нега? Нега?» деган қатор саволларга жавоб излаб боши қотди. Кейин аниқ бир қарорга келолмаган бўлса-да, Асадбекникига отланди. Манзурадан «келдилару бир пиёла чой ҳам ичмай чиқиб кетдилар, қаёққалигини айтмадилар», деган гапни эшитиб, бир пас ҳовлида юрди, сўнг кутишга аҳд қилиб, уйга кирди. «Ақлини ўзига амир, нафсу ҳавосини эса асир қилган киши қандай яхши одамдир, нафсу ҳавоси амир, ақли эса асир кишининг ҳолига вой», дегувчилар нақадар ҳақ эдилар. Кесакполвоннинг ҳаёти шоми ҳақиқат чироғи билан ёритилса, билагидаги тилла соатнинг миллари ўлими сайин илгарилаётгани яққол кўринар қолар эди. Кесакполвон боши узра сузиб юрган ўлим булутининг совуқ нафасини сезарди. Аммо шайтон ёққан чироқдан кўзлари шамғалат ғофил банда буни тан олишни истамасди. У назарида Асадбек тахтини забт этганди, бироқ бу мулк ҳали қўлга кирмаганини англамасди. Бугунми-эртами бошқа тахт тикланиб, уни ер билан яксон қилажаги мумкинлигини хавотир билан ҳис этарди-ю, бу ваҳшат селидан омон қолишни умид қиларди.

Москвадан бир балони бошлаб келиб ғимирлаб юрибди, деб ташвишланаётган Кесакполвон Асадбекнинг Муҳиддин отани бошлаб келганини кўргач, «тўй ташвишида чиққан экан», деб бир оз тинчланди. Муҳиддин отанинг ҳузурида ишдан гап очилмади. Оқсоқол намозга турганида Кесакполвон бошига оғир кулфат тушган одам каби дардли овозда:
— Асад, маслаҳатинг керак, — деди.

Кесакполвон Асадбекнинг илгаригидай «Қани, дардингни айт-чи» дейишини кутди.

Асадбек «қозихонадаги маш-машадан гапирар», деб ўйлаб, собиқ аъёнининг гап бошлашини унсиз равишда кутди.
— Асад, — деди Кесакполвон ғамли кўринишини ўзгартирмай. — Ҳалимни бир иш билан Карсноярга юборувдим, қўлга тушиб қолибди...
— Ҳа, тулки, — деб ўйлади Асадбек, — ишкалингнинг иси чиққанидан кейин ёриляпсанми? Масковдаги хўжайинларинг телефон қилиб айтишгандир-да, а? Қани, аравангни қуруқ олиб қочавер-чи?

Кесакполвон бир неча нафас сукут сақлаб ожиз уф тортди-да, илова қилди:
— Нима қилишга ҳайронман.
— Қанақа иш билан юборувдинг? — деб сўради Асадбек.
— Озгина майда-чуйда олиб кетувди.
— Кўпга тушдингми?
— Гап тушишда эмас, бола нобуд бўлмасин, дейман, ҳар ҳолда сенга яхши хизмат қилиб юрувди.
— Красноярда қўлга тушган бўлса бошингни оғритиб юрма. Бу бола менга унча ёқмас эди. Иш-пиш чиқиб қолса Жамшидга буюра тураман.
— Масковга ҳам ўтибсанми?
— Хонгирейни тўйга айтай деб ўтувдим, отаси ўлибди, сен эшитмовмидинг?
— Кечроқ эшитдим. Боришнинг иложи бўлмади.
— Иккаламизнинг номимиздан кўнгил сўраб қўйдим. Хонгирей сендан хурсанд, «ишнинг кўзини биладиган» экан деб мақтади.

Икки ёлғон дўстнинг ёлғон лутфи шу тариқа қисқа бўлди. Тўйга доир бир-икки масала ҳақида бундан-да қисқароқ тарзда гаплашиб олингач, Кесакполвон кетишга тараддудланди. Асадбек «Ўтир, қаёққа шошасан», демади. Дарвозахонага қадар кузатиб боргач Кесакполвон «Бу ёғига ўзим йўлни топиб кетаман», дегандай хайрлашди. Сўнг бўшаб ётган болохонага қараб бир энтикиб қўйди.

... Ҳамма ишлари сип-силлиқ кетаётувди. Болохонадаги йигитлар қуллуқ қилиб туришарди. Хонгирей деган шайтонвачча қаёқдан пайдо бўлди, қандай қилиб суқулиб кирди?.. Энди бундан буёғи хуфтонми?..

Кесакполвон Хонгирейни «шайтонвачча» деди-ю, аммо унинг шайтони билан ўзининг йўл кўрсатувчи шайтони ака-ука эканини ўйлаб кўрмади.

Кўчада машина ойнакларини артаётган Жамшид Кесакполвонни кўриши билан ишини ташлаб, пешвоз чиқиб кўришди.
— Ҳа, эркак, акахон келдилар, деб қўйишга ҳам ярамай қодингми?
— Ўзим ҳам ярим соат олдин билиб қолдим, — деб ёлғонлади Жамшид.
— Бу ердаги ишингни тугатиб, қозихонага ўт, гап бор.

Жамшид машинани артиб улгурмай Абдусамад чиқиб:
— Кетавераркансиз, эрталаб азонда келсангиз, табибникига бориларкан, — деди.

Жамшид янги хожасининг изидан кетма-кет етиб боришни истамай, касалхонага ўтиб, отасини зиёрат қилди. Отаси унга нимадир деб ғўдиранди. Унинг мақсадини ўгай онаси тушунтирди:
— Уйга кетгилари келяпти. Ўтиришга ҳам мадорлари қолмади.
— Дўхтирлар яхши қарашмаяптими?
— Боқишлари ёмонмас, лекин уйнинг ҳавоси бошқачада.
— Эртага бир жойга бориб келишим керак, индинга ўзим келиб, олиб чиқаман.

Жамшид машинага ўтирди-ю, касалхонанинг панжара девори ортида маъюс қараб турган ўгай онасига кўзи тушиб, юраги эзилди. Отаси бу хотинга уйланган кезлари икковини лаънатлаб юрганини эслади. Унинг назарида отаси уйланиб, онасининг руҳига улуғ хиёнат қилган эди. Отаси кўз очиб кўрган аҳли аёлининг хотираси олдида ўзини гуноҳкор деб биларди, бироқ дардини ичига ютарди. Ўгай онаси эса йигит ёшига етиб, қамоқхонанинг шўр шўрвасини тотиб кўрган ўгай ўғли ҳузурида ўзини ноқулай сезарди. Шу сабабли эр-хотин Жамшиднинг бевош юришларидан норози бўлишса-да, танбеҳ беришмади, тўғри йўлга тортишга уринишмади. Кўнгли яримта ўғилнинг кўнглига қарашга мажбур бўлишди. Жамшидни ўз ҳолига қўйиб беришларига яна бир сабаб бор эди: улар «Қамалиб чиққан йигит тамоман бузилиб бўлган, унга насиҳат кор қилмайди», деб ўйлашарди.

Кунларни, ҳафталар, ойлар, йилларни бу эр-хотин бир-бирига суянган ҳолда ўтказишди.

Хонгирейнинг ҳузуридан қайтганидан сўнг Жамшидда яхшилик томонга ўзгариш сезилди. У отаси ва ўгай онасининг ёлғизликдаги ҳаётини ҳис қилди. Айниқса тўшакка михланган беморга ўгай онасининг меҳрибонлиги уни лол қолдирди. Отаси бу хотинга ёшлик чоғида беқиёс муҳаббати туфайли уйланиб, узоқ бахтиёр йилларни биргаликда ўтказса ҳам бу вафога ажабланмаса ҳам бўларди. Ўлган хотиннинг ўрнига хотин, бевош болага ўгай она бўлиб кириб келган эди бу хонадонга. Соғлом эр билан қанча яшади, неча йилдан бери касал боқади? «Тузалмас касал эрни бошимга ураманми?» деб ташлаб кетиши мумкинмиди? Ахир ўртада фарзанд йўқ, эҳтиросли аҳду-паймон, қолаверса, мол-мулк йўқ-ку? Уни нима ушлаб турибди?

Жамшид бу саволга аниқ жавоб бера олмасди. Чунки у ҳеч қанақа ўлчови йўқ меҳр-муҳаббат, одамийлик, вафо деган фазилатнинг моҳиятини англай олмасди. Кейинги пайтларда ўгай онасини кузата туриб «ойим тирик бўлсалар ҳам адамга шундай қарардилар», деган хулосага келиб, ўгай онасига муносабати ўзгарди.

Ҳозир кузатиб чиққан ўгай онасининг дардли боқишига парво қилмай кета олмади. «Кўнгиллари бир нимани сездими?» деган ўй хаёлига келиб юраги «шув» этди. «Нега икки кундан кейин олиб кетишим керак? Ҳозир-чи?» деган хаёлда машинадан тушди.
— Ҳозир кета қоламиз, — деди Жамшид, — мен дўхтирга учрашиб чиқаман, сиз тайёрланиб туринг.

Отаси бир ҳафта уйда бўлса, йигирма-ўттиз кун касалхонада ётарди. Уни ҳозир олиб кетишга чоғланган Жамшид «Бўлди, энди бу ёққа олиб келиш йўқ, дўхтирлар уйга бориб боқишади», деб қарор қилди.

2

Жамшид отасини уйга қўйиб, кўчага чиқаётганида ўгай онаси уни остонада тўхтатди:
— Жамшиджон, — деди у синиқ овозда, — Худодан умидимиз кўп-ку, лекин... узоқ қолиб кетманг.

Жамшид тушунди. «Хўп» демоқчи эди, томоғига нимадир тиқилиб бош ирғаб қўя қолди. Қозихонага боришга оёғи тортмаса ҳам, ортиқча гап кўпаймасин, деган фикрда амрни бажарди. У қозихонага кирганда Кесакполвон ёнбошлаб олиб нок еяётган эди. Қозининг яқинида турган коняк шишасининг ҳали яримламаганига қараганда янги хожанинг маишатга кўнгли йўқроқ эди. Жамшид киргач, Кесакполвон «Кел» ҳам демади, «Бунча узоқ қолиб кетдинг?» деб гина ҳам қилмади. Жамшид ўтиргач, Қозига қараб:
— Ошнангга бақувват қилиб қуй. Ҳозир у тўйбоши, чарчагандир, — деди.

Жамшид бу гап замирида пичингни сезмагандай ўнг кафтини кўкрагига қўйиб, қуллуқ қилди. Қози кон-як қуйиб узатган пиёлани қўлга олиб «ёлғиз ўзим ичаверайми?» деган савол назари билан хожасига қаради. Кесакполвон «бирга ич» деган маънода Қозига ишора қилгач, икки оғайни акахонларининг саломатликлари учун бўшатдилар. Кесакполвон нокни еб бўлиб, лабини сочиқ билан артди.
— Сен бола, у ёқларга бориб келганингдан кейин айнидинг. Айниганингни ўзинг ҳам сезасанми? — деди у.

Жамшид унинг ўткир нигоҳига дош беролмай ерга қаради.
— Гапирмайсанми? — деди Кесакполвон зарда билан.
— Агар хато қилган бўлсам... айтинг. Хатоларимни айтиб-айтиб тарбия қилгансиз.
— Сени Маҳмуд тарбиялаган. Маҳмуд аканг киндигини ўзи кесганлардан эди, ҳамма ақл ўшанда, баъзан ақли тошиб ҳам кетарди. Сенам акахонингга ўхшагансан. Сени, одам бўлармикин, деб ўлимдан олиб қолган эдим. Сен нимангга кериласан?

Жамшид бош эгиб, индамай ўтираверди. Кесакполвон аламдан чиқиш учун сўкишни бошлаганда ҳам бошини кўтармади. Фақат онасининг номи ҳақоратга қўшилганида бир сесканди-ю, бу жиккак одамчани янчиб ташлагиси келди. Сўкишлар поёнига етгач, туҳмат саройининг дарвозалари очилди.
— Мен сенга бир иш буюрувдим, «ҳа» ҳам демадинг, «йўқ» ҳам демадинг, а? Ё эсингдан чиқдими?

Бу саволдан сўнг Жамшид бош кўтарди:
— Қайси иш эди?
— Ҳалимни текширишинг керакмиди?
— Ҳа.
— Хўш?
— Ҳали тагига етолмадим. Гапларидан милисага ўхшайди, лекин милисанинг идорасидаги рўйхатда бунақа номдаги одам йўқ. Агар милиса бўлганида ҳам бизнинг ичимизда бошқача номда юргандир?
— Мен сенга нима деб буюрувдим?
— Милисанинг одами бўлса ўлдир, девдингиз.
— Ўлдирдингми?
— Йўқ.
— Унда қаёққа ғойиб бўлди?

Жамшид Қозига қарашдан ўзини аранг тутиб қолди. Қози Жамшиднинг Ҳалимжондан гап очиб суриштирганини хожасига етказгани аниқ. Агар ҳозир унга ялт этиб қараса, фош бўлиб қолиши мумкин эди. Шунинг учун ҳеч нарса билмагандай:
— Уч-тўрт кундан бери кўринмай қолди. Уйидан хабар олайми? — деб сўради.
— Сен уни ё чўчитиб қўйгансан, ё қочириб юборгансан. Ахир икковингнинг устозинг бир-ку, а?
— У кўринмай қолганига...
— Хўш, гапиравер, ичингда қолмасин.
— Сизми ё Бек акамми иш буюргандирсизлар, деб ўйловдим.
— Мен унга ҳечам иш буюрмаганман. У милисанинг одами эди, кўнглим сезиб турарди. Сен уни қаердан бўлса ҳам топасан.
— Хўп...

Жамшид шундай деб қутулмоқчи эди, бўлмади. Кесакполвон навбатдаги арининг уясини кавлади:
— Бек акангни нима учун бу ерга бошлаб келдинг? Бу сен аралашадиган ишмиди?
— Мен тўғри уйга олиб бордим. Боланинг онаси кеннайимга арз-дод қилиб чиққан экан. Кеннайим Бек акамга айтдилар. Кейин Бек акам бир пиёла чой ҳам ичмай бу ёққа юришни буюрдилар.

Кесакполвон Манзуранинг шунга ўхшаган гапини эшитгани учун бу ёлғонга ишонди. Лекин бўш келмади:
— Пул берган хунасанинг милисага борганини нега айтдинг?
— Чўтал кўпроқ бўлсин, девдим...
— Ўша пулнинг ҳаммасини бўйнингга илворсам нима дейсан?
— Хатойимга яраша жазоланг, майли.
— Сен шунақа мўминтойлигинг билан ҳаммани енгиб келгансан. Бу қилиқ менга ўтмайди, билиб қўй. Мен сени одам деб ёнимга олувдим. Ҳаммани ҳам яқинимга йўлатавермайман, биласан а? Ҳозир биз учтамиз. Учаламиз бир зўр иш қилишимиз керак. Бек аканг биринчи галда мен учун азиз, кейин сенлар учун қадрли. Агар унинг сочидан бир тола соч тўкилса, менинг юрагимда битта томир узилади. Сочи оқариб кетганини кўрганимда мен ўлиб қолай дедим. Гапимга тушуняпсанми? Бек аканг билан орамизда хусумат йўқ. Фақат у ҳозир Хонгирейга ўчакишиб, янглишяпти. Биз уни эҳтиёт қилиб сақлаб қолишимиз керак. Адашган йўлидан қайтармасак ҳаммамизга ёмон бўлади. Шунинг учун ҳам мен унинг босаётган қадамини билиб туришим керак. Бек сенга ишонади.
— Тушундим, — деди Жамшид.

Жамшид шундай деди-ю, аммо аввал ҳам айтилган бу гапларнинг нима учун қайтарилаётганига тушун-мади.
— Менга қара, сен бундай санқиб юрма, Уйлан, уй-жой қил.
— Мен бопи учраб қолса, ўзингиз бош бўласиз.
— Энди ҳалол гапни айт: Зайнабни ёқтирармидинг? Ҳа, ёқтирардинг. Шунга уйлана қолмайсанми?
— Зайнабнинг эри бор.
— Эри ўлай-ўлай деб ётибди. Хоҳласанг эрталабгача ўлиб қолиши ҳам мумкин.
— Йўқ, ўлмасин, биз Зайнаб билан ака-сингил тутинганмиз.
— Зайнабнинг иккита акаси бор, сени бошига урадими? Сен бола, маҳмаданалик қилмагин-у, таклифимни ўйлаб кўр?

3

Кесакполвон Элчиннинг тақдирини ҳал қилиб, Зайнаб билан Жамшидга ўзича никоҳ тўнини бичаётганида Асадбекнинг уйида ўзгача масала ечилаётган эди.

Хуфтон намозини ўқиб бўлган Муҳиддин отанинг кўзлари уйқуга мойиллигини сезган Асадбек у билан узоқ суҳбатлашмай, ётоққа бошлади. Кейин елкасига тўнни ташлаб, ҳовлига чиқди. Кўзи беихтиёр болохонага қадалди. Кимсасиз болохона сўнаётган шон-шуҳратининг рамзи сифатида кўзига хунук кўринди. Аста ўша томон юрди. Тепага кўтарилди. Чироқни ёқди. Тўртта каровот, ўртадаги хонтахта устида янги дастурхон. Атрофида тоза кўрпача. Аввал бир чиққанида димоғига сигарет тутуни ҳиди урилиб, кўнгли айниганди. Ҳозир бундай ҳид йўқ... Енгил оёқ товушини эшитиб, ўгирилди. Хавотирланиб, эрининг изидан чиққан Манзура унсиз равишда «Адаси, нима бўлди, нега бу ёққа чиқдингиз?» деб сўради. Бу саволга Асадбек ҳам унсиз равишда «Сен нега орқамдан юрибсан?» деб савол билан жавоб қилди. Кейин «Ясатиб қўйибсанми?» деб сўради.
— Тўйда ётиб қоладиган меҳмонларга тайёрлаб қўйдим. Кўрпа-ёстиқларгача алмаштирдим, — деди Манзура.

Узоқдан келувчи биродарлар учун марказдаги меҳмонхонадан жой ҳозирлаб қўйилган, болохонага муҳтожлик бўлмаса-да, Асадбек хотинининг кўнглини кўтариш мақсадида:
— Яхши қилибсан, — деди.
— Адаси, қизингиз сўрашга уяляпти. Куёвингизни тўйга олиб чиқсакмикин?

Асадбек буни ҳам ўйлаган, Элчиннинг тўйда яримжон ҳолатида ўтиришини истамаётган эди. Бу хоҳишини хотинига ҳам, қизига ҳам билдиргиси келмай:
— Дўхтирдан сўраш керак, — деди.
— Дўхтири билан маслаҳатлашдик. Аравачага ўтқазиб олиб юриш мумкинмиш.
— Дўхтар билан гаплашдингми? Ишни пишириб қўйиб, энди мендан сўрайсанми? Менга деса, аравачада эмас, бошингга ўтқазиб олиб чиқ. Тўрга ўтқазгинда «шунақа ажойиб куёвим бор», деб мақтан.

Манзура айтган гапидан афсусланиб, пастки лабини тишлади-да, эрининг елкасини силаган бўлди:
— Адаси, дарров жаҳлингиз чиқмасин. Зайнабнинг ҳам кўнглига қарайлик-да.
— Зайнабнинг кўнглига?.. — Асадбек шундай де-ди-ю, жимиб қолди. Бу сукутдан фойдаланган Манзура Зайнабнинг кунда икки, баъзан уч марта касалхонага бораётганини, Элчиннинг жиянлари келгани, уларга жавобан «У менинг эрим, уни ўзим олиб чиқаман», деганларини айтиб берди. Бу гапларни эшитган Асадбек «Эрини ёмон кўрарди-ку? Энди Жамшиддан кўнгли совуб, унга муҳаббатли бўлдими?» деб ўйлади.
— Зайнаб бу ерда анча сиқилиб қолди, — деди Манзура. — Кеннайилари билан акалари кулишиб туришса унинг кўзларида ёш милтиллайди. Куёвингизни уйига олиб чиқсак...
— Тўйдан кейин, — деди Асадбек унинг гапини узиб. — Ҳозир олиб чиқсанг, ҳамма тўй ҳаракати билан овора бўлиб, қаровсиз қолади.

Онаси билан суҳбатлашганда Зайнаб «Элчин акам чиқмасалар мен тўй базмида нима қиламан? Бева хотинга ўхшаб шумшаб ўтираманми?» деган эди. Манзура эрига бу гапни айтай деди-ю, журъат этолмади.

Икковлари биргалашиб пастга тушиб, уйга кирдилар. Ўзининг хонасидаги деразадан ҳовлидаги ота-онасига қараб турган Зайнаб хўрсиниб қўйди.

Зайнаб нимани истаса онаси дарров рози бўлар, отасидан эса ижозат тегиши мушкул вазифа эди. Эрининг тўй базмига олиб борилиши бошқалар учун арзимас масала бўлса-да, Зайнаб учун ғоят муҳим эди. У тўйда хизмат қилиб юрган Жамшид билан рўпара келишдан ёки кўзлари тўқнашишдан қўрқарди. Яримжон эринниг ёнида ўтириши уни шайтон васвасасидан қутқарарди. Жамшид ўлдига чиқарилганида Зайнаб бир ўлиб, бир тирилувди. Ёшлик суруридан эсдалик бўлмиш бу йигит ҳовлида ҳар пайдо бўлганида у яна ўлиб, яна тирилаверди. Руҳи қайта-қайта азобланмоғи учун ҳам тирилаверди. Асадбек хотинининг гапларини эшитиб «Жамшиддан кўнгли қолибди», деб ўйлаб янглишган эди. Ёшликка хос чин севгидан қутулиш мумкин эмаслигини у билмасди. Чунки Асадбек бу каби сурурли дамларни бошидан кечирмаган эди. Дунёда «муҳаббат» деб аталмиш илоҳий туйғу борлигини англаш ёшида фикру зикри қимор билан банд, унинг муҳаббати ҳам, садоқати ҳам ўшанда қимор эди.

Яқиндагина хаёлан Кумушбибига айланиб, ўз Отабеги билан бахтиёр бўлувчи қиз бахтини совуриб, жувонликнинг зимистон оламига ўтиб қолгандай эди. Бу оламда саодатдан умидвор қилувчи битта учқунни ҳам кўрмас эди. У энди Кумушбиби эмас, эртакдаги тош маликага айланиб қолишни истарди. Ўн йилми, юз йилми ўтгач, аслига қайтса, атрофидаги ғам-андуҳни кўрмаса... У баъзан бир ёрилтошга учрамоқни орзу қилади. Суйгани билан ўша тошга борса-да айтса:

«Ёрилгин тош, ёрилгиней,

олгин бизни ўз бағрингга...»

Сўнг тошга айланиб яшасалар. Ўн йилми, юз йилми...

Шафқатсиз дунё, аламли дунё бу орзуларга йўл берармиди?

Ўн йилми, юз йилданми кейин бу дунё шафқатлироқ, бахтга мўлроқ бўлиб қолармиди...

XXI боб

1

Манзуранинг маслаҳати билан Абдулҳамид ҳам табибникига борадиган бўлди. Асадбек «узоқ йўлда уриниб қолармикинлар», деган ҳижолат билан Муҳиддин отани мужмалроқ оҳангда таклиф этган эди, у «биродаримни йўқлаб келай, бу ерда ўтириб нима қилдим?» деб отланди.

Манзилга етиб боришганда Абдураҳмон табиб уйда йўқ эди. Пешиндан кейин осмонда тоша бошлаган булут тўдалари бирлашиб, атрофни гўё зулумот қоплади. Сўнг изғиринли кучли шамол туриб дарахт шохларида қолган-қутган баргларни тортқилаб узмоқ истади. Ке-йин ёмғир савалай кетди. Ниҳоят, баҳор фасли эканини унутган табиат хатоликка йўл қўйди: лайлакқор ёға бошлади.

Эгасиз уйга киришни беодоблик санаб, барчалари машинада ўтирдилар. Қор ёғиши авжга чиққан маҳалда муюлишда Абдураҳмон табиб кўринди. У дарвозаси қаршисидаги машинани кўриб, ажабланди. Машина эшиги очилиб Муҳиддин ота кўрингач, совуқда қизарган юзларини хурсандчилик ели силаб ўтди.

Ичкари кириб ўтиришгач, хайрли дуодан сўнг Абдураҳмон табиб ўрнидан туриб, қўл қовуштирганича «Хуш келибсизлар» деди. Унга жавобан аввал Муҳиддин ота, сўнг бошқалари ҳам туриб «хушвақт бўлинг», дедилар.
— Биродар, сиз мени анча ҳижолатга қўйдингиз, — деди Абдураҳмон табиб, барча ўтириб, жойлашиб олгач. — Эшигим очиқ бўла туриб кўчада кутганингиз камина учун иснод.
— Тақсир, довруғи етти иқлимга кетган сиздек мўътабар зотни озгина кутсак кутибмиз-да, — деди Муҳиддин ота ҳилмлик билан.
— Ҳай, ҳай, биродарим, бундай гапларни сира айт-манг. Банданинг мақтовлардан йироқ эканини аввал келганингизда сезмабмидингиз?
— Сезиш нима экан, кўриб-билганман. Сизни ўйласам ҳукамолардан мерос бир ривоят ёдимга тушаверади. Буни сиз биларсиз, ўрни келиб қолди, бу иниларимизга ибрат сифатида айтайин.

Абдураҳмон табибнинг набираси дастурхон, катта патнисда мева-чева кўтариб киргани учун бир оз сукут сақланди. Дастурхон ёзилиб, патнис жойига қўйилгач, Муҳиддин ота гап бошлади:
— Амал қилгувчи амалида қўй боқувчидан ўрнак олуви лозим экан. Ахир қўй боқувчи, агар намоз ўқиса, қўйларидан намозига мақтов олишни ўйламайди-ку? Худди шунга ўхшаб, амал қилувчи инсонлар унга қарашларини кўнгилга келтирмасликлари лозим. Инсонлар олдида ва ёлғиз қолганида ҳам Оллоҳ таоло учун бир хил тарзда амал қилади. Инсонларнинг мақтовини талаб этмайди. Тақсиримда мен шундай фазилат кўриб, ўргандим. Шоядким, Яратган тангрим мўъминлар қаторида бизларни ҳам жаннат аҳлидан қилса...
— Оллоҳ Адн жаннатини яратиб «Гапир» деб амр қилганида жаннат тилга кириб уч марта «Мўъминлар нажот топади», деб сўнг эса «Мен бахилга, мунофиққа, риёкорга ҳаромман», деган экан. Одам фарзанди шунга кўра яшаса, инша Оллоҳ, нажот топар. Мен Яратгандан ихлосимга қувват сўрайман. «Ихлос нима?» деб савол берилганда донишманд «Одамлар сени мақташларини севмаслигингдир» деб жавоб берган экан.
— Кун ўтган сайин Оллоҳнинг раҳматига бориш онларини кўпроқ ўйларкансан киши. Саҳобалар Расулуллоҳдан «Биз ҳаммамиз ўлимни нега ёмон кўрамиз?» деб сўрашганида Набий алайҳиссалом дебдиларки: «Бу ёмон кўришлик эмасдир. Агар мўъмин киши ўлим тўшагида ётган бўлса, Оллоҳ таоло унинг ҳузурига яхшилардан бўлиб қайтишлиги ҳақида ўша бандага хушхабар келади ва унга Оллоҳ дийдоридан яхшироқ бирор нарса бўлмайди ва Оллоҳ ҳам уни учратмоқни яхши кўради. Агар фожир ёки кофир ўлим тўшагида ётган бўлса, Оллоҳ таоло учун ёмонлардан бўлганлиги, ёмонлардан ҳисобланганлиги айтилиб, қўрқитиб, огоҳлантириш келади ва у Оллоҳ билан бўладиган учрашувни ёмон кўради. Оллоҳ ҳам у билан кўришмоқликни хоҳламайди...» — Муҳиддин ота шундай деб бир оз тин олдида, кейин умидли оҳангда фикрига якун ясади: — Оллоҳ шунақалардан қилмасин бизларни...

Набира кириб чойнак-пиёлани бобосининг ёнига қўйди. Абдураҳмон табиб чойни қайтариш учун қўлига пиёла олганида Асадбек «Чойни сен қуй», деган маънода ўғлига ишора қилди. Абдураҳмон табиб «менга бера қолинг» деган йигитнинг раъйини қайтармади. Чой қуйилиб, бир ҳўпламдан ичилгач, Асадбек муддаога ўтай деганида табиб ўзига хос босиқ оҳангда сўз бошлаб, Муҳиддин отанинг фикрини давом эттирди:
— Мени бир нарса ажаблантиради: бегуноҳ ҳам — гуноҳкор ҳам, Худога, унинг жаннати мавжудлигига ишонувчи ҳам — ишонмайдиган ҳам ўлимидан сўнг жаннатдан жой тегишини истайди. Баъзан одамларга жаннатга етишиш жуда қийинга ўхшайди. Менингча, бунинг машаққати йўқ, одам боласи нафсини тийса, бошқаларга ёмонлик қилмай, яхшиликни касб этса кифоя. Унинг бу дунёси ҳам жаннат каби роҳатли бўла-ди. Зулмни ўзига ҳаром қила олмаса, — Абдураҳмон табиб шундай деб Асадбек билан Жамшидга ўғринча қараб олди, — унинг жаҳаннами шу дунёдаёқ бошланади. Мен дадам раҳматлидан эшитгандим. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан муҳаддислар шундай ривоят қилишган экан: «Қиёмат куни бир тоифа одамларга жаннатга боришлик буюрилади. Улар жаннатга яқинлашиб, ҳидини ҳидлаб, жаннатдаги қасрларни ва Оллоҳ таоло жаннат аҳлига тайёрлаб кўйган нарсаларни кўрганларидан сўнг: «Уларни олиб кетинглар, уларга жаннатда насиба йўқдир!» деб нидо қилинади. Улар шундай ҳасрат-надомат билан қайтадиларки, улардан олдин ҳам, кейин ҳам, ҳеч ким бунчалик ҳасрат-надомат қилмагандир. Улар айтадилар: «Я Оллоҳ! Дўстларингга тайёрлаб қўйган неъматларингни кўрсатмай туриб бизларни дўзахга киргизганингда бунчалик ҳасрат-надомат қилмасдик». Шунда Оллоҳ таоло: «Мен бундай қилмоқликни хоҳладим, чунки сизлар катта-катта гуноҳлар билан инсонлардан яширинча Менга қарши чиқдингиз, инсонлар кўзида эса покиза, виқорли кўринар эдингиз. Қалбларингизда йўқ нарсани риё қилар эдингиз. Одамлардан қўрқар эдингиз, мендан қўрқмас эдингиз, инсонларни улуғлар эдингиз. Мени улуғламасдингиз. Инсонлар учун баъзи нарсалардан қайтар эдингиз. Мен учун қайтмас эдингиз. Энди бугун савобимни айирганим баробарида қаттиқ азобга маҳкум этгайман...» дейди».

Набира косаларда қайноқ шўрва кўтариб киргач, бир-бирини соғинган икки қариянинг амри маъруфи поёнига етди. Асадбек уларнинг гапларига қулоқ тутиб «Менга теккизиб айтишяпти», деб ўйлади. Ҳолбуки, уларнинг бундай ниятлари йўқ, гап шу мавзуга бурилгани учун беихтиёр тарзда суҳбатлашишаётган эди. Шунга қарамай, Асадбекнинг гумонида жон бор, у ҳам жаннат ҳаром қилинган бандалардан эди...

Таомдан сўнг Асадбек тўйга айтиб келганини билдирди. Абдураҳмон табиб ёшлар ҳақига дуо қилгач:
— Бир кўриб қўярмикинсиз, деб куёв болани ҳам бошлаб келувдим, сал тоби келишмайроқ турибди, — деди.

Табиб Абдулҳамиднинг билак томирини ушлаб, кўзларига тикилди, кейин кафтидаги чизиқларни силаб-силаб ниманидир ўқигандай бўлди-да:
— Мен бир дори тайёрлаб бераман, — деб гапни қисқа қилди.

Асадбек «Нима бўлибди, қанақа касал?» деб сўрашдан ўзини тийиб:
— Тилла тангани олиб келганман, — деди.
— Бу муолажага тилла танга лозим эмас, — Абдураҳмон табиб Асадбекнинг ўзини ҳам кўриб қўйиб: — Сиз дориларни яримлатмай, ичишдан тўхтабсиз, шундайми? — деб сўради.
— Иш билан бўлиб... — Асадбек ўзини оқламоқчи бўлди.
— Табибнинг айтганини қилмайдиган одам табибга учрамагани маъқул. Сиз ўзингизни яхши ҳис қилиб, батамом тузалдим, деган хулосага келгансиз. Касалнинг илдизи қуримаган, пайт пойлаб ётибди. Бугун бўлмаса эртага сиқувга олиши мумкин.

Намоз вақти бўлгани учун икки қария қўшни хонага чиқишди. Абдураҳмон табиб ибодатдан сўнг жойнамоздан жилишга шошилмай, Муҳиддин отага қаради:
— Ёдингизда бўлса, худди шу ерда ўтириб, инимиздаги руҳ хасталигининг чекинмоғига умид қилиб эдик. Умидимиз сароб бўлиб чиқибди. Инимиз зулмни аввалгидан кучлироқ ҳолда касб қилибдилар. Ожиз иймонлари янада ожизлашибди, — деди.

Муҳиддин ота дарров жавоб бермади. Тўпалончи фарзандини деб муаллимдан танбеҳ эшитган ота мисол бошини қуйи эгди.
— Замон буларнинг тилини ҳам, дилини ҳам тош қилиб қўйган... На илож... ҳар ҳолда Оллоҳдан умидимиз бор...
— Оллоҳ ноумид қилмасин. Мен куёв боламизга дори тайёрлаб бераман. Аммо... отаси билмасин, сизга маълум бўлса кифоя, йигитмиздаги хасталик не эканини аниқ билолмадим. Менга номаълум бир хасталикдан ақлим лол. Нимадир унинг юрагини ялаб адо қилай дебди. Ишқилиб янглишаётган бўлай, фолбинликдан Оллоҳ асрасин, йигитимиз кўпга боролмайдиган кўринадир...

Бу хунук хабар Муҳиддин отанинг аъзойи баданини музлатиб юборди. Тили гапга айланмай, табибга қараб қолди. «Тақсир, адашмаяпсизми? Айтинг, жон тақсирим, айтинг, адашдим, денг. Боланинг умри узоқ бўлади, денг...» Муҳиддин отанинг илтижо билан боқаётган кўзларида шундай маънолар зоҳир эди.

Улар меҳмонхонага қайтишганда Муҳиддин ота Асадбекка ҳам, Абдулҳамидга ҳам қарай олмади. Унинг руҳидаги тушкунликни Асадбек сезди. Табиб дори тайёрлаш учун чиққанида «Ота, нима бўлди, тобингиз қочдими?» деб сўради. Муҳиддан ота унга жавобан «Сал толиқибман, бўтам», деб қўя қолди.

Абдураҳмон табиб тунда йўл юрмоқликнинг хосиятсиз эканини, довонни қалин қор босганини рўкач қилиб, уларнинг қайтишларига изн бермади. Ўрин солиниб, ётишга ҳозирланганларида Абдураҳмон табиб Асадбекни қўшни хонага чорлади. Муҳиддин ота «боланинг аҳволини яширмасликка қарор қилдими?» деб ўйлаб Асадбекни хавотир назари билан кузатди. Унинг ташвиши ўринсиз эди. Табиб Асадбекни мутлақо бош-қа бир сабаб билан чорлаганди.
— Дев аканинг ҳужраси эсингиздами? — деб гап бошлади табиб. — Ҳали ўша ердан келаётувдим. Дев аканинг вафотидан кейин қишлоқдагилар ҳужрани бузиб ташлайлик, дейишувди. Мен гўри совумай туриб бузмайлик, девдим. Ҳар бир жойнинг бир яхшиси, бир ёмони бўлади. Биздан бир ёмон чиқиб, каллакесарликни касб қилиб олган эди. Қайси бир йили қамалиб кетувди, отувга ҳукм бўлди, деб ҳам эшитувдик. Отилмабди, тирик экан. Бир ҳафта илгари қишлоқда кўриниб қолди. Кеча ўзига ўхшаган яна уч-тўртаси пайдо бўлиб, Дев аканинг ҳужрасини макон тутишибди. Кўнглим ёмонликни сезиб, ўша ерга бордим. Нашани чекиб, ароқни ичиб ётишибди. Қамоқдан қочишган десам, қўрқиб, беркиниш ҳаракатлари йўқ.

Абдураҳмон табибнинг ҳавотирли гапларини эшитиб, Асадбек Зелихонни эслади. Ўтган йили Фарғонада фожиалар бошланмай туриб у ҳам табиб каби ҳавотирли гумони билан унга мурожаат этган эди. Бу йил яна қайтариладиганми бу фожиа? Бунинг тепасида ким турибди? Мақсади нима? Асадбек жон талвасасидаги жамиятнинг сиёсатини таҳлил қилмоққа, макр-ҳийлаларини кашф этмоққа ожиз эди. Шу сабабли Абдураҳмон табибга ҳамдард бўла олмади. Тайинли гап ҳам айтолмади.

2

Абдусамад, сўнг Абдулҳамид дунёга келишганида Манзуранинг, Асадбекнинг қалбларида орзу-умидлар ҳам туғилган эди. Бу оламда ҳисобсиз, ўлчовсиз нарсалар кўп. Шулардан бири — ота-онанинг фарзанди бахти-саодатига хос орзулардир. Барча ота-оналар каби Манзура билан Асадбек гўдакларини қандай авайлаб вояга етказсалар, орзу-умидларини ҳам йиллар мобайнида шундай эҳтиёт қилдилар Уларнинг етишолмаган орзуларига кўра ушалганлари кўпроқ эди. Узоқ вақт кутилган никоҳ базмига етишганлари шулар сирасидан бўлди.

Бир кун олдин Суликонинг бобоси ваъда қилган совға етиб келди. Зулукдек икки от кўрганларининг ҳушини олаёзди. Ҳатто отларни кўрганда кўз олдига фақат қази келувчи Кесакполвон ҳам бу гўзаллик олдида лол қолди. Мардонавор гуржи йигитларининг уст-боши ҳам ажабтовур эди. Маматбей Хонгирейнинг сов-ғаси — қинига олтин суви юритилиб ёқутлар билан безатилган икки ханжарни тортиқ қилди. Эрталаб эса Асадбекнинг уйи қаршисидаги йўл четида Кесакполвоннинг совғаси — иккита оппоқ «Жигули» пайдо бўлди.

Хурсандчилик билан ўтиши лозим бўлган кун бир оз ташвиш билан бошланди. Нонуштада Абдулҳамид кўринмагач, Манзура унинг ётоғига кириб чиқди-да, ўғлининг яна иситмалаётганини эрига маълум қилди. Манзуранинг «дўхтир чақирайлик» деган гапига Асадбек «шошилмай тур», деб жавоб қилди. У «Табибнинг дориси касални бир қўзитиб олади, иситма шу дорининг эм бўлаётганидан нишонадир, бугун табибнинг ўзи келиб қолар», деб ўйлади. Пешинга қадар кўзлари йўлда бўлди. Икки марта Муҳиддин отага «биродарингиздан дарак йўғ-а?» деб қўйди.

Пешинда дарвозадан анча нарида эскигина «Москвич» тўхтаб, ундан охори тўкилган кийимли бир киши тушиб, орқа ўриндиқдан каттагина тугун олди. Юмуш билан кўчага чиққан Жамшид машинанинг тартиб рақамига қараб «Абдураҳмон табиб келибди», деб ўйлаб, изига қайтди-ю, бу янгиликдан хожасини огоҳ қилди. Асадбек шошилиб кўчага чиққанида тугун кўтарган меҳмон дарвозага яқин келиб қолган эди. Асадбек уни табибникида кўрган, ҳамиша отлар билан овора бўлгани учун уни отбоқар деб ўйлаган эди. Меҳмон тугунни Жамшидга бериб, ўзи Асадбек билан қўшқўллаб сўрашди-да, «тўйлар қуллуқ бўлсин», деб қўйди.
— Абдураҳмон ака қанилар? — деб сўради Асадбек «Москвич»га қараб олиб.
— Поччам узрларини айтиб юбордилар. Қишлоғимиз бир оз нотинчга ўхшаб қолди, ташлаб келаверишга кўнгиллари бўлмади.

Бу гапни эшитиб Жамшид «Нима бўлган экан?» деган савол назари билан хожасига қаради. Абдураҳмон табибнинг хавотирли гапларини эслаган Асадбек бу қарашни жавобсиз қолдирди-да, меҳмонни ичкарига таклиф этди.

Сел каби оқиб келаётган қимматбаҳо совғалар орасида табиб юборган майдақавиқ икки тўн, қийиқ, дўппи, икки кийимли хонатлас ғарибгина кўринарди. Шунинг учун ҳам тавонхонадаги хотинлар тугуннинг бир учини очиб кўришди-ю, «ким олиб келди?» деб сўраб ўтирмасдан бир бурчакка қўйишди.

Абдураҳмон табибнинг қайниси бу ҳашаматли уйда, шохона дастурхон атрофидаги димоғдор одамлар орасида ўзини бегона ҳис қилдими ё чиндан ҳам шошқич равишда изига қайтмоғи лозиммиди, ҳар ҳолда бир пиёла чойдан иборат зиёфатдан қониқиб, ўрнидан турди. Унга биров «Нега турдингиз?» демади. Бундан унинг кўнгли бир оз чўкса-да, «тўйчиликда айби йўқ, танимаганни сийламас», деб ўзини ўзи овутди. Кўчага чиққанида масжиддан қайтаётган Муҳиддин ота билан Жалилни кўриб «Танишларим ҳам бор экан-ку», деб кўнгил чироғи ёришди. Жалил табибнинг узрини эшитиб бўлгач:
— Сиз қаёққа отландингиз? — деб сўради.

Шомга қадар довондан ўтиб олишни ният қилган меҳмоннинг узри қабул бўлмади. Жалил уни қочиб кетишига йўл қўймайдигандай билагидан ушлаб, ичкари бошлади. Ҳовлига киргач, хизматда юрган Жамшидни чақириб «Меҳмон сенларга хор бўлдими?» деб койиди-да, шийпон ёнига қўйилган ихчам сўрига қараб юрди. Сўнг «Шотирларингнинг биттасига айт, фақат бизга қарасин. Ҳадеб тўйганларингнинг атрофида гирдикапалак бўлавермаларинг», деб буюрди.

Бир косадан манпар ичилгач, меҳмон қайтмоғи зарурлигини айтиб, дуога қўл очди. Муҳиддин ота ҳовлининг ўзида хайрлашди. Жалил уни то машинасига қадар кузатиб борди. Меҳмон машинасига ўтириб, эшикни ёпишга шошилмади:
— Поччамнинг бир топшириқларини бажара олмадим, агар малол олмасангиз... шу хизматни ўзингиз уддалаб қўя қолсангиз, — деди.
— Тортинмай айтовринг, қанақа хизмат?
— Поччам куёвларга атаб тўн тиктирган эдилар. Ўзинг елкаларига ташлаб, хайрли хос дуойимни етказ, Оллоҳ уларни ёмон шамоллардан асрасин, девдилар.

Жалил топшириқни бажаришга ваъда бергач, меҳмон изига қайтди. Жалил эса ҳовлига қайтиб, Жамшидни чақирди-да:
— Куёв тўралар қани? — деб сўради.
— Сочларини таратгани сартарошга чиқиб кетишувди, — деди Жамшид. — Ҳозир келиб қолишади.
— Сочни уйда тараса бўлмас эканми? — деб тўнғиллади Жалил.
— Тарашда ҳам тараш бор-да, ювади, қурутади...
— Бурунларинг оқса ҳам бировга арттирларинг. Ҳалиги меҳмон тўн олиб келган экан, қаерга қўйдинг?

Жамшид «товонхонага берувдим», дегач, Жалил ўша томон юрди. Бурчакка ташлаб қўйилган тугунни олиб хотинларга «сенлар ҳам назарга илмадиларингми? Сенларга фақат тиллаю жавоҳир бўлса, а?» деб икки-уч оғиз ширин сўз айтиб чиқиб, Муҳиддин отанинг ёнига ўтирди. Дарвозахонада куёв болалар кўрингач, ўрнидан туриб уларни чақирди-да, тугунни ечиб тўнлардан бирини олди.
— Қани, қиблага қараб туриб кий-чи, — деди аввал Абдусамадни чорлаб. Кейин Абдулҳамидни чақириб оқарган юзига қаради-да, пешонасига кафтини қўйиб, бошини чайқади:
— Иситманг бор-ку, болам, яна костумда юришингни қара. — Абдулҳамид тўнга елкасини тутган эди, Жалил амакисидан дакки эшитди: — Бетаҳорат одам тўнни елкага ташлаб юради. Кийиб ол. Ечма. Бу табаррук тўн. Сенларни ёмон шамоллардан асрасин, деб табиб боболаринг бериб юборибди. Сенлар ҳам табаррук инсоннинг ёшларига етларинг, иймонли, эътиқодли бўлларинг.

Дуодан сўнг уйга кириб кетаётган Абдусамад тўнини ечган эди, Жалилдан балога қолди. Жалил турган ерида ҳаммага эшитиларли қилиб бақирди:
— Табаррук деган нарсага фаҳм-фаросатларинг етадими? Сенларнинг беўхшов зар чопонларингдан бу тўн минг марта афзал.

Асадбек ошнасининг танобини сал тортиб қўйиш мақсадида унга яқинлашиб «қўй энди, ёшларнинг диди бошқа» деди-ю, у ҳам балога қолди:
— Болларингни ўзингга ўхшатма. Сен тилла баҳосидан қиммат тўёналарга маҳлиё бўляпсанми? Холис ниятда бериляптими бу тўёналар, буни ҳеч ўйлайсанми? Миннатли нарсадан қўрқмайсанми?

Асадбек «бўлди, бўлди, сеники маъқул», деб нари кетишдан ўзга чораси қолмади.

Манзура хавотирланавергач, врач чақиртирилди. Манзура кечаси ўғлининг иситма оташида алаҳсираганидан бехабар эди. Шундай бўлса-да, келинининг кўзларидаги изтиробни кўриб, аҳвол яхши томонга ўзгармаётганидан сиқилди. Врач Абдулҳамидни кўраётганида Асадбек аёлларни чиқариб юборди.
— Қимирламай ётишлари керак, — Врач шу хулосани айтди-ю, «Бу мумкинми?» дегандай Асадбекка қараб қолди.
— Бунинг иложи йўқ, — деди Асадбек.
— Дорининг кучи билан иситма сал аригандай бўлади, лекин яна кўтарилаверади, — деди врач.
— Сиз кетманг, шу ерда қолинг. Икки-уч соат келиннинг ёнида ўтирмаса бўлмайди.

Абдулҳамид отасини ташвишдан қутқариш мақсадида:
— Ада, хавотирланманг, аҳволим унча ёмон эмас. Ўрнимдан тураман, — деди. Унинг гапи Асадбекка далда бўлиб, ҳовлига чиқди.

Абдусамад онасига ўхшаш бўшашганроқ, Абдулҳамид эса отаси каби иродаси мустаҳкам йигит эди. Карнай-сурнай овозлари янграгач, у акаси ва куёв жўралари ҳамроҳлигида никоҳ базми бўладиган ресторанга бориб, меҳмонларни қаршилади.

Келинлар машинадан тушаётганида ҳамма куёвларнинг қандай қаршилашлари, келинларнинг оёқларини босиб қўйишларини кутиб, қизиқиб қарарди. Манзура билан Асадбекнинг кўзлари эса асосан Абдулҳамидда эди. Келинлар машинадан тушиб, куёвлар узатган беназир гулдасталарни олиб, танлаганлари ёнида тўйхона сари одимлашгач, Кесакполвон пайдо бўлиб ўйинга туша кетди. Кимдир буни қадрдон дўстнинг қувончи ифодаси деб қабул қилди, бошқа кимдир «кайфи ошиб қолдими?» деб ўйлади. Баъзиларнинг эса энсаси қотди. Асадбек бу ҳолатни ғашлик билан кузата туриб анча вақт илгари кўрган тушини эслаб, юраги қалқиб кетди.

...Тобут олдида карнай-сурнай, бака-бакабум авжида. Тобут ичида кафанланган Асадбек. Олдинда эса тўн кийиб белини боғлаган Кесакполвон ер тепиниб ўйнаб боряпти. «Ҳой ахмоқ, — дейди кафанланган Асад- бек, — бел боғлаган одам ҳам тобут олдида ўйнайдими?» Кесакполвон қаҳ-қаҳ отиб кулади: «Тўй бўлганидан кейин ўйнайман-да... Бизга тўй... Сенга эса аза...»

Кўринмас бармоқлар Асадбекнинг томоғидан бўғди. Ёнидаги Жамшидга қараб «ол уни!» деб ишора қилди. Жамшид илдам бориб, Кесакполвоннинг қулоғига «Бек акам чақиряптилар», деб шивирлади. Кесакполвон чексиз-чегарасиз шодон одам кўринишида Асадбекка рўпара бўлди. Асадбек сир бой бермаслик учун:
— Маматбейни яхши жойга ўтқаздингми, хабар олиб тур, — деди.

«Ўйиним Асадга ёқмади», деган фикрдан йироқ Кесакполвон ичкари кириб кетди.

Келин-куёвларнинг изидан келаётган Чувриндининг хотинини Асадбек тўхтатди-да:
— Келганинг учун раҳмат, — деди. — Ўғилларингнинг тўйини худди шу ерда, бундан ҳам афзалроқ қилиб ўтқазамиз.

Чувриндининг хотини титроқ лаблари билан «раҳмат» деб қўйиб, бошқа сўз айтмай хотинлар оқимида ичкарига қараб юрди.

Никоҳ базмидан сал олдинроқ етиб келган Илико узоқ ўтирмади Асадбекни ранжитмаслик учун кетиши сабабини яширмай айтди:
— Тўйда хунук хабар айтиш яхши эмас, лекин сен бизга бегона эмассан... эртага бобомни сўнгги йўлга кузатишим керак.

Асадбек беихтиёр равишда уни бағрига босди. Руҳи тушкун қариянинг сўнгги гапларини эслади.

Иликони кузатиб ичкари кирганида Кесакполвон чап қўлида микрофон, ўнг қўлида иккита машина калитларини кўз-кўз қилиб ушлаганича дўсти Асадбек шаънига мақтовлар ёғдирарди. Мақтовлар якун топиб, машиналарнинг калитлари куёвлар қўлига топширилгач, Кесакполвон машшоқларга «чал», деб ишора қилиб, яна ўйинга тушиб кетди.

Асадбек энсаси қотса ҳам ўзига тикилиб турган ўнлаб нигоҳларни ҳис қилиб, ўртага тушди, шу пайтгача қилмаган ишини қилди: Кесакполвоннинг устидан пул сочди...

Тўй базми авжга чиққанида Жамшид Асадбекка яқинлашиб:
— Бек ака, Ҳамид чарчади, куёв-келинларга жавоб беришсинми? — деб сўради.

Жамшид айтмаса ҳам Асадбек дам-бадам ўғлига қараб унинг ҳолсизланаётганини сезиб турарди.
— Ҳеч ким билмасин, аввал келин янгаси билан секин чиқишсин. Кетидан Ҳамидни ўзинг олиб чиқ. Самад ўтираверсин, — деди. Кейин тайинлади: — Кеннайинг эргашмасин. Меҳмонларга қарасин. Биз боргунча дўхтир Ҳамиднинг ёнидан жилмасин.

Асабдек айтгандай бўлди. Уларнинг чиқиб кетишганини биров билди, биров эътибор бермади.

Нима воқеа юз берганини Маматбейгина сезди. Сезди-ю, мамнунлик билан кулимсираб қўйиб, Кесакполвонни чақирди-да, чўқиштириб ичди. Шу онда Асадбекнинг нигоҳи ўзига қадалиб турганини эса билмади.

3

Абдулҳамиднинг хасталиги Манзура билан Асадбек учун бир ташвиш бўлса, Зайнабнинг никоҳ базмига келмагани ташвиш устига нохушлик эди. Асадбек базм бошлангунга қадар ҳам қизининг келиб қолишига умид қилиб йўлга қараб-қараб қўйди. Кесакполвон Мардона ўлдирилганидан кейин «қизинг ўзингга ўхшайди», деганида Асадбек аччиқланган эди. Қизининг ўзи каби ўжар, чўрткесарлигига мана энди ишонди.

Элчинни тўйга олиб бориш таклифи рад этилга-нини Манзура юмшоқлик билан тушунтирса-да, Зайнаб отасининг мақсадини англади ва ўзининг айтганидан қайтмади. Базмда иштирок этмасликка узил-кесил аҳд қилиб, сартарошхонага отланган акалари билан кўчага чиқди-да, касалхонага қараб кетди. Жалил сочларини тараттириб келган куёв тўраларга тўн кийгизаётган пайтда Зайнаб касалхонанинг машинасида эрини уйига олиб келган эди. Қўшнилар ёрдамида замбилдаги бемор янги аравачага ўтқазилгач, меҳмонхонага кирдилар. Меҳмонхонадаги ясатиғлиқ дастурхонни кўрган Элчин қайнотаси келмаса ҳам қайнонасининг келиб қолишига умид қилди. Зайнаб чой дамлаб, эрига қуйиб узатди-да, айвонга чиқиб онасига қўнғироқ қилди. Қизининг бу ишидан ҳайратга тушган Манзура:
— Вой қизимей, бугун шартмиди, а? — дейишдан бошқа гап айта олмади.

«Инсофга кириб қолармикинлар», деган умидда Асадбекка тўғрисини айтди. Асадбек бу хабарни эшитиб, қошларини чимириб қўйди. «Майли, куёвни тўйга олиб келинглар», демади.

Зайнабнинг кўринмай қолганидан энг аввало келинлар ҳавотирланишди. «Уларнинг «Зайнаб бону нечук кўринмайдилар?» деган саволларига «Эри оғирлашиб қолибди», деб, ичида тавба ҳам қилиб қўйди: Ёлғонни Худо кечирсин!»

Тўйдан бехабар Элчин қайнонасининг келмаганига ажабланди. Бугун эрталаб ҳам касалхонадан чиқиш ҳақида гап йўқ эди. Зайнаб «жавоб тегди, кетамиз», деб кулимсираган бўлса ҳам Элчин унинг юзига соя ташлаётган ташвиш булутини сезди. Вақт ўтиб, кун ботганда ҳам эр-хотин ёлғиз ўтирардилар. Тилсиз, ҳаракатсиз қолади, деб ташхис қўйилган Элчин врачларнинг кутганларини пучга чиқарса-да, ҳали бемалол гаплашиб ўтириш даражасига етмаган эди. Тили бурро бўлгани билан нималарни гаплашиб ўтирарди?

«Менинг тирик қолишим сенинг комронлиғингми ё бахтсизлигингми?» деб сўрайдими? «Отанг менинг ўлишимни истаган эди, тирик қолишим хонадонинг учун бахтсизликдир? Умуман... ўлсам нимани йўқотардим, тирик қолиб нима ютдим? Сен мени жиянларимдан тортиб олдинг ҳисоб. Бирга яшаб, хуш бахт бўлишмизга ишонасанми?» дермиди.

Бу гаплар тилга кўчмаса ҳам кўз қарашларида зоҳир эди. Зайнаб эрининг туйғуларини тўла бўлмаса-да, ҳис этарди. Гўё ўша машъум воқеа юз бермагандек, гўё қалбида интиқом чўғи йўқдек, гўё чалажонга айланган бу одамни азал-азалдан яхши кўрадиган бахтиёр жувондек кўрсатишга уринарди.

Элчин эса бахтиёрлик ниқоби ортидаги тоғдек дард-ни қалб кўзи билан кўриб турарди. Бу нозик жисм бу дард тоғини кўтариб туришга яна қанча чидаркин, деб чамаларди. У қорадори балосидан қутулишга куч топган жувоннинг бу дард тоғига чидашгина эмас, уни йиқишга ҳам қодир эканини хаёлига ҳам келтирмас эди. Элчин Зайнабни оддий аёллардан деб билиб, унинг ирода кучини ҳисобга олмаётганди. Балки бошқа аёллар дард олдида эгилиб қоларлар? Лекин Асадбекнинг қизи эгилмас, дардга енгилмас...

Зайнаб лаганчага икки кишилик таом сузиб киргач, Элчин:
— Ойинг келмайдиларми? — деб сўради.

Зайнаб «Келишлари керакмиди?» деган савол назари билан жавоб қайтарди. Эрининг бу унсиз жавобдан қониқмаганини билиб:
— Қариндошимизникида тўй, — деб изоҳ берди.
— Сен нега бормадинг? Мен эртага чиқсам ҳам бўлаверарди, — деди Элчин.

Зайнаб ундан кўзларини олиб қочиб:
— Мен эртага борсам ҳам бўлади, — деди.

Таомдан сўнг телевизор кўришди. Ҳар икковининг кўзлари тамошада бўлса-да, хаёллари бошқа ерларда сарсари кезарди.

Акалари билан келинаяларининг бахтиёр чеҳралари Зайнабнинг кўзи олдидан нари кетмади. «Худо бахт бераман, деса беравераркан-да, — деб ўйлади у. — Бу қизлар дунёнинг нарига четида эди. Шунда ҳам хоҳлаганларига етишишди. Меники шундай ёнгинамда эди...»

Зайнабнинг тақдирига дил мақсудига етолмаслик ёзилган экан, на илож қилсин? «Ноумидлик ёмон, дунё умид билан қойимдир», дейишади. Зайнаб дардни умид билан енгишга уринарди. Лекин... қуриган умид дарахти қайта гуллаши мумкинмикин?.. Бу ғам ман-зилида унга нелар қолмиш яна? Зайнабнинг юра- гида яраланган сурур бу саволга жавоб тополмай ингради.

Телевизордаги тамоша тамом бўлиб, қўшиқ бошланганида Зайнаб ошхонада эди. Маъюс оҳанг диққатини тортиб, сўзларига қулоқ тутди:

Шўрпешона ишқни толега йўйиб,

Жимгина тақдирга берганимда тан.

Ишончу, севгингни қўлимга қўйиб

Довдир ҳаётимга кириб келдинг сен...

Зайнабнинг кўз олдига Жамшид келиб беихтиёр титраб, қўлидаги ликопчани тушириб юборди. Ликопча тушди-ю, лекин негадир синмади. Синганида «Келган бало-қазо шунга урсин», деб қўярди. Энди бало-қазо нимага уради?..

Элчиннинг кўзлари телевизорга қадалган бўлса-да, хаёли тўзонли шамол сингари тентирарди.

У Зайнабни ғамга солган эди, энди ғам унинг ўзини еярми? Еб-эб адо этарми? Касалхонада эканида врач юраги устига кафтини қўйиб, бармоқлари билан уриб-уриб қўярди. Худди бировнинг эшигини тақиллатаётгандек бўларди. Унинг қалб дарвозаси очилса нималарни кўрмоқ мумкин? Зулумот ва ўлимдан бўлак яна не қолган бу юракда?

Зайнабнинг қўлидаги ликопча тушган пайтда Элчин ҳам қўшиқни диққат билан эшитаётганди. Уни ажаблантирган нарса — Анвар жиннихонада ўзини осмай туриб шу шеърни ёзган, қоғознинг бир четига эса «Дардли дўстимга бедард Анвардан эсдалик», деб имзо чекиб берган эди. Элчин анча пайтгача оҳанг излаб, ўзича ҳиргойи қилиб юрувди.

Анварнинг акаси унинг дафтарда қолган шеърларини газетага олиб борган, бу қўшиққа асос бўлган шеър ҳам эълон қилинган эди. Элчинни ҳайратга солган нарса қўшиқнинг сўзлари эмас, балки айнан у ҳиргойи қилган куйнинг янграётгани эди. Бу қўшиқни ўзидан бош-қа ҳеч ким эшитмаган эди. Ҳатто Зайнаб ҳам...

Инонгил, бу севги эмасди асло,

Алданиб ўртанган дард эди бироқ,

Ёлғиз сендан— ёлғиз тасалли— севинч,

Ёлғиз сендан— ёлғиз бедаво— алам.

Ахир сен-ла бирга бўлолмасман ҳеч

Ахир сени ташлаб кетолмасман ҳам...

...Ёлғиз осмондандир юпанч— тасалло...

Ошхонадан қайтган Зайнаб эрининг чарчаганини сезиб, аравачани каравот ёнига олиб келди. Кеч кириб қолгани учун қўшниларни чақиришга ийманди. Элчин унинг бўйнига осилган ҳолда сурила-сурила каравотига ўтди. Ёстиққа бош қўяётган дамда кўзлари намланди. У шу топда юрагининг ёрилиб кетишини истарди. Жуда-жуда истарди.

XXII боб

1

Дунёда миллион ўғри бўлса, бирининг услуби бошқасиникидан фарқ қилади. Хонгирейнинг эса ўғирлик, босқинчилик услубидан ташқари яна бир қилиғи ортиқча: ёлғон гапириш бўйича у жаъмики ўғриларни доғда қолдириши мумкин эди. Катталар қамоқхонасига тушган Афтондил ҳали Хонгирей лақабини олмасдан анча илгари устози Зелихоннинг диққатини айнан шу одати билан тортган эди. Зелихон вақтида ишонарли ёлғонни тўқиб, ёв чангалидан қутулиб кетишни ўғрининг фазилати деб биларди. Кейинчалик Зелихон шогирдидаги бу фазилатнинг керагидан ортиқ эканини сезиб, кўп танбеҳ берган эди. Ҳатто бир куни «Ҳов бола, сен шайтонни доғда қолдириб, бир мартагина рост гапирсанг-чи», деганди. Баъзилар ёлғонига бош-қаларни ишонтириш учун кўп ўйлашади, турли баҳоналарни излашади. Хонгирей эса бу бош оғриқлардан холи: тили ҳеч қачон ёлғон гапга муҳтож бўлмайди.

Марказий банк ходимининг қайнонасига «Мен ўйнашингдан бўлган ўғлингман», деган Хонгирей «Бу гапимга ишонадими ё йўқми?» деб ўйлаб ҳам кўрмаганди. Чунки хотиннинг ишониш ёки ишонмаслиги у учун мутлақо фарқсиз, унга муҳими — хотиннинг боши қотади.

Асадбекка отасининг васиятини бажариш учун Полшага кетаётганини айтганида ҳам «ёлғоним фош бўлса-чи?» деган ўйи йўқ эди. У Полшага отасининг васиятини бажариш учун кетяптими, ростданам амакиси Краковда халок бўлганми — буларни билиш Асадбек учун ҳам фарқсиз эди. Шу сабабли Хонгирейнинг сафар ҳақидаги гапига унча эътибор бермаганди. Хонгирейнинг нима учун айнан Краковга боришини у ке-йинроқ ўйлаб қолади.

Хонгирей Шаховскийдаги қароргоҳида биродарларини зиёфат қилган куни ўзи кутмаган ҳолда қармоғига тилла балиқ илиниб қолган эди. Ярим тунга қадар давом этган зиёфат поёнига етиб, меҳмонлар тарқалгач, яқинда «жинни» деган ташхис билан қамоқдан чиқиб келган биродари кетишга шошилмади. Ўз отасини чавақлаб ташлагани учун «Гамлет» лақабини олган бу меҳмон қолишининг сабабини дарров айтмади. Маишатни тонгга қадар давом эттириб чарчаган Хонгирей «Энди дам оламиз», дегач, Гамлет муддаога кўчди:
— Сен қорадорига астойдил аралашибсан, — деди у. — Ҳозир энг тўғри йўл шу. Бир қўлинг Красноярга бир қўлинг Лвовга боргани яхши. Лекин қулочни яна ҳам чўзишинг мумкин. Лвовдагиларнинг найрангини биласанми?
— Ҳа, — деди Хонгирей, — Полша билан Вен-грияга ошириб сотишади.
— Билар экансан. Улар Полшадан мен қамоқдалигимда вақтинча фойдаланишди. Энди у ёққа бориш- са — ўлим топишади. Мен яқинда Канадага кўчиб кетаман. Агар келиша олсак, сенга Полшани бераман. Яна қорадорининг беҳисоб хазинаси ҳам бор. Уни ҳам сенга топширгим келяпти. Келиша олсак бас.

Бу таклифдан сўнг уйқу ҳам ўчди, чарчоқ ҳам унутилиб, шартлар, нарху наволар келишилгач, биргалашиб Полшага боришга аҳдлашишди.

Асадбекнинг тўйидан бир кун аввал Хонгирей Гамлет билан бирга Варшавага етиб келган, икки кундан кейин эса Краков яқинидаги сароймонанд уйда музокарани бошлаб юборган эди.

Гамлет «пан Любомирский» деб таништирган одамнинг ёшини аниқлаш мушкул эди. Сийрак сочлари, бароқ қоши оппоқ оқарган, бир оз букчайиб юрувчи, аммо ўзини тетик тутувчи бу одамни биров етмишдан ошган демасди. Гамлетнинг айтишича, урушдан олдин ҳам, немислар хўжайинлик қилган йилларда ҳам, советлар эгаллаб турганида ҳам пан Любомирский ўз касбига содиқ қолган ноёб одамлардан эди. Турли жамиятлар, турли қонунларга бўйин эгмагани учун ҳам у «Ўлмас Кашчей» лақаби билан машҳур бўлганди.

Гамлет Хонгирейни таништираётган маҳалда мақтов сўзларига бахиллик қилмади. Пан Любомирский — ўлмас Кашчей бу мақтовларни Хонгирейдан кўз узмаган ҳолда тинглади. Унинг ўткир нигоҳига хатто Хонгирейнинг чақчайган кўзлари ҳам дош беролмади. Гамлетнинг мақтовлари ўзининг ҳам жонига тегиб, «тезроқ тугатақол» деган маънода унга қараб-қараб қўйди.
— Янги дўстимиз бизга қанча миқдорда мол етказиб бера олади?— деб сўради пан Любомирский Гамлетнинг гаплари поёнига етгач.
— Буюртма берувчи — сиз. Қанча керак бўлса, шунча оламиз. Ўрта Осиёдан оқадиган йўл шуники. Хитойнинг сунъий дориларини Сибир орқали етказиши мумкин.
— Менга сунъий дори керак эмас. Мен янги дўстимнинг ўз оғзидан эшитмоқчиман: биринчи галда йигирма кило етказиб кела оласанми?

Хонгирей «Кўп-ку?» деб Гамлетга тезгина қараб олди. Гамлет ваъда беравер, деган маънода ўнг кўзини салгина қисиб қўйди. Қариянинг сергак нигоҳидан бу четда қолмаган бўлса-да, танбеҳ бермай, Хонгирейдан жавоб кутди:
— Мен яхши тушунмадим, — деди Хонгирей пинагини бузмаган кўринишда, — йигирма киломи ё йигирма тоннами?

Пан Любомирский Гамлет билан кўз уриштириб олиб, кулимсиради:
— Қандай шартларингиз бор?
— Шарт йўқ, фақат айрим масалаларни келишиб олиш керак. Биринчиси: молни олишга одамингиз қачон боради?
— Одамим бормайди. Мен «Йигирма кило етказиб кела оладими?» деб сўрадим. «Одамим бориб келади», демадим.
— Ҳисоб-китоб-чи?
— Ҳисоб-китоб шу ерда бўлади. Молни қўясиз, пулни оласиз. Хоҳланг долларда, ёки фунт стерлингда, ёки маркада олинг. Истасангиз Шветсария банкига ўтказамиз. Ҳа, шарт оғирлик қиляптими? Биламан, бу иш оғир, лекин шунга яраша ҳақ тўлайман.

Бу ерга кела туриб Гамлет «шартлашишда жуда чуқурлашма, асосий масала ҳал этилса бас, майда-чуйдаларга эътибор қилма», деб огоҳлантирган эди. Шунга кўра, Хонгирей гапни чўзмасдан, келишганининг рамзи сифатида ўрнидан туриб, қўл узатди. Пан Любомирский ёши улуғлигининг имтиёзидан фойдаланиб, ўтирган ерида қўл узатди.
— Биз Гамлет билан яхши ишладик, — деди у. — Сиз томондаги баъзи одамлар «Полшалик ҳамма нарсасини сотиши мумкин», деб гапириб юришади. Полшалик бошқа нарсаларни пулласа ҳам аҳдга садоқатини сотмайди. Гамлет буни биларди. Сиз ҳам шу ҳақиқатни унутмасангиз иккаламиз биргаликда узоқ яшаймиз.

Улар Краковда яна икки кун меҳмон бўлишгач, Москвага қайтишди. Ваъдасининг биринчи босқичини бажарган Гамлет аҳддаги белгиланган ҳақини олгач, иккинчи босқичга ўтишдан олдин «Ўлмас Кашчейни доғда қолдираман, бошқа шаҳарлар билан ҳам ўзим гаплашаман», деб ўйлама. У тирик экан, Краковдан нарига сен учун йўл йўқ» деб огоҳлантирди.

2

Москвадан «Тез етиб кел!» деган буйруқни олган Селим бу чақирувдан бир оз саросимага тушди. У Кесакполвондан яширинча эски танишлари орқали камроқ бўлса-да, олди-соттисини бошлаган эди. Кесакполвондан махфий тутилган иш у томонга маълум бўлиб қолдимикин, деган ташвишли ўй уни Хонгирейнинг ҳузурига киргунича ҳам тарк этмади. Очкўзлиги учун ўзини ўзи лаънатлаб, бундан бу ёғига ҳалол хизмат қилишга қасам ичиб борди. Қароргоҳда эмас, «Лебединая песня» деб аталувчи ресторанда кутилажаги ҳам уни анчагина ташвишлантирди. Таксичи сўраб-суриштириб, уни манзилга ташлаб кетгач, у «Лебединая песня» деган ёзувга тикилганича бир оз ҳаракатсиз турди. Сўнг «Таваккалчининг ишини Худо ўнглайди», деган фикрда пастга олиб тушувчи зинага оёқ қўйди.

Катта хонадаги дастурхон атрофида ўтирганларга бир-бир қарашга ботина олмади. Тўрда ўтирган Хонгирейнинг ёнидаги полковникни кўриши билан юраги уришдан нақ тўхтагандай бўлди. Москвага шошқич чақирилганининг сабабини англаб, Хонгирейга «Раҳм қилинг, жонимни олманг», дегандай мўлтиллаб қаради.
— Одобли болалар кирганда салом беришлари керак, — деди Хонгирей уни ўтли нигоҳи билан қаршилиб.

уни Хонгирейнинг рўпарасидаги стулга ўтқазди. Хонгирей ҳол-аҳвол сўрамагани учун Маматбей ҳам индамади. Селимнинг қаршисидаги катта қадаҳга тўлдириб ароқ қуйгач, паст овозда «ич» деб буюрди. Селим қадаҳни яримлаганда Хонгирей:
— Полковникни танидингми? — деб сўради.

Кутилмаганда берилган бу саволдан Селим қалқиб кетиб, йўталди. Лабига сочиқни босиб, ўзига келгач, «танияпман», деди.
— Шундай ажойиб қаҳрамон билан танишлигингни бизга айтмовдинг? Нега айтмовдинг, а?

Селим «билмадим», дегандай ерга қаради.
— Тўғрисини айтавер, сен буни ўлиб кетган деб ўйлагансан, а? Ҳа, умуман... тўғри ўйлагансан. Полковник сен тиқиб қўйган қамоқхонада ўлган эди. Биз уни тирилтириб олиб чиқдик. Буни қараки, полковник сени ўлган, деб юрган экан. Сен қандай қилиб тирик қолдинг, бунга айтиб бер. Ахир тобутни очганингда портлаб кетувдинг-ку, тўғрими?

Селим айбдор бола каби ерга қаради.
— Тобут портлаганмиди, деб сўраяпман?!
— Ҳа...
— Сен буни қаматдинг, қамоқда ўлиб кетади, деб ўйладинг, бу эса тобут миналаштирилганини сенга айтмади. Икковинг ҳам ғирром ўйин қилгансанлар. Биринчи галда сен ўлишинг керак. Нафси наҳангникидан баттар аблаҳ ўлса, ер ҳам мазза қилади.

Селим аста қаддини кўтарди, сўнг стулни суриб ташлаб, тиз чўкди-да, жазавага тушиб, тавба қила кетди. Унинг бу қилиғи Хонгирейга ёқмай, Маматбейга қараб қўйган эди, у Селимнинг гарданидан ушлаб турғизиб, жойига ўтқазди. Хонгирей унга нафрат билан тикилди. Селим унинг тилидан ўлим хабарини кутиб, нафас ютди. Хонгирей уни лол қолдириб, ҳукмини ошкор қилмади, Гамлет билан кўз уриштириб олгач, ўрнидан турди. Гамлет бу қарашнинг маъносини англаб, қадаҳини яримлатган ҳолда ташлаб кетгиси келмай, бир кўтаришда бўшатди-да, у ҳам ўрнидан туриб мезбонга эргашди. Улар чиқиб кетишгач, эндиги тақдири нима бўлишини билолмаётган Селим полковникка қаради. Полковник хуморбосди қилолмаганидан гарангмиди, ҳар ҳолда эси оғиб қолган одам каби ўтирарди.

Селим уни дастлаб шу ҳолда кўрганидаёқ қорадорисиз туролмайдиган тоифадан эканини сезган эди. Ҳордиқ чиқариш мақсадида Қора денгиз соҳилига келган Селим меҳмонхонанинг энг яхши, энг қимматбаҳо хонасида маишат қиларди. Афғонистондаги қаҳрамонона хизматлари учун таътил берилган полковник ҳам санаторийдаги даволанишини тугатгач, изига қайтишга шошилмай, меҳмонхонага жойлашиб, айшини суриб юрган эди.

Тақдирнинг ўйинини қарангки, даҳлизнинг бир томонидаги эшик Селимники, рўпарасидаги эса полковникники эди. Улар дастлаб айни шу даҳлизда учрашдилар. Иккови ҳам кун ёйилган маҳалда, айни бир хил юмуш билан — тунги меҳмон «қушча»ни кузатгани эшикни очган эдилар. Ўша куни пешинда ресторанда учрашдилар. Кейин бир-бирларига рўпара келганларида саломлашдилар. Шу зайлда бўлажак ҳамкорликнинг эшиги қия очила бошлади. Бир куни кечаси полковник Селимнинг эшигини тақиллатди. Кўзлари кирта-йиб, безгак тутгандай титраётган полковникни бошқа одам кўрса «бечоранинг тоби қочиб қолибди», деб ўйлаши мумкин эди. Лекин бунақа холатларни кўп учратган Селим унинг мақсадини дарров англади. Полковник у дамда Селимнинг қорадори билан шуғулланишини билмас эди. У тунда қорадори илинжида эмас, пул сўраб чиққанди. Селим «ярим тунда пулни нима қиласиз?» деб ўтирмай, сўраганини берди. Қорадорини шу меҳмонхонанинг ўзидан топиш мумкинлигини билгани учун ҳам гапни айлантирмади.

Эртасига пешинга яқин полковникнинг эшигини тақиллатди. Ичкаридан жавоб бўлавермагач, хонасига қайтиб, телефон қилди. Гўшакда полковникнинг уйқусираган овозини эшитиб:
— Полковник, яхши дамларни уйқу билан ўтказиб юбориш гуноҳ, эшикни очинг, — деди.

Полковникда бир оз карахтлик сезилса ҳам, тундаги аҳволига нисбатан анча тетик эди. Битта олма билан, ярим шиша ароқ кўтариб кирган Селим қадаҳларни тўлдириб, биттасини сўзсиз, илтифотсиз тарзда кўтарди. Полковник эса қадаҳни афсун қилаётгандай тикилиб тургач, у ҳам бир кўтаришда бўшатди. Селим тунги чорловдан гап очмади. Аксинча, бу ердаги мароқли кунларни таърифлаб ўтирди-да, полковник учун сира кутилмаганда гапни қорадорига буриб юборди:
— Полковник, афғондаги кўп йигитлар нашаванд, гиёҳванд бўлиб қоларкан, шу ростми? — деб сўради.

Полковник «рост, менинг аҳволимни кўрмаяпсанми», дегандай унга сўзсиз қараб тургач, аста очила бошлади. Селим полковникнинг қитиқ патини тўғри топган эди. У афғондаги зобитларнинг айримлари ҳеч тап тортмасдан қорадори олиб ўтишаётганини биларди. Унинг мўлжалича, бу полковник ҳам шундайлардан эди. Чунки полковникнинг маишати учун ўнта зобитнинг маоши ҳам камлик қиларди. Селимнинг мўлжалича, полковник бу ерга қорадори билан келган, бир қисмини сотгану пулини совуриб юборган. Ўзига олиб қўйганининг тугаб қолганига аҳамият бермай, тунда хуморнинг жазавасидан уйғонган...

Полковникдан сир олиш учун уни яна икки кун меҳмон қилишга тўғри келди. Улар бир-бирларидан ҳадиксираган ҳолда аста-секин бир-бирларига яқинлашдилар. Оқибат шу бўлдики, полковник Селим яшайдиган жойга яқин бир қишлоқдаги қабрда катта бойлиги борлигини билдирди. Жангда ҳалок бўлган йигитнинг жасадини темир тобутга солишдан олдин унинг қорнига ўн килодан мўлроқ қорадори жойлаганини айт-ди. Марҳумнинг исми-насабини, қабрнинг тартиб рақамини ҳам яширмади. Бу бойликка тенг шерик бўлиш ҳақидаги оғзаки аҳдномага қўл ташлашди.

Ҳосил бойвачча Селимни қайириб олмоқчи бўлганида «Сен майда баққолсан, катта ишларга фаҳминг етмайди», деб янглишмаган эди. Полковникдан сир олгач, бефаҳмлиги туфайли шошиб қолди. Аҳдномадаги бойликнинг ярмига қаноат қилмай, барчасига эга чиққиси келди. Бу ишни осонгина уддалаш мумкиндай туюлиб, полковникнинг жомадонига қорадори солиб қўйди-ю, ўша заҳоти милитсияга қўнғироқ қилди. Қўллари кишанланган полковникнинг олиб кетилишини эшик тирқишидан кузатиб, «Худога шукр», деб қўйди.

Хонасига милитсия бостириб кириб, жомадондан қорадори топгач, полковник ким томонидан хоинлик бўлганини дарров англади. Шу боис ҳам қўли кишанланган ҳолда даҳлизга чиққанида Селимнинг тирқишдан мўралаб турганини сезгандай, аянчли равишда кулимсираб қўйган эди.

Селим бу кулимсирашнинг маъносини кейинроқ тушунди.

У шошқинч равишда уйига қайтиб, айтилган мозористонга борди, айтилган қабрни топиб, қувончдан юраги тошиб кетай деди. У катта бойликдан бир қулоч юқорида турарди, темир тобут қазиб олинса бас... Бойликдан эмас, ўлимдан сал нари турганини у кейинроқ билди.

Қўшни шаҳарга бориб бир майхўр пайвандчини топди. Аввал ҳовлисидаги ток сўриларини янгилатди. Ишдан кейин сахий тўра каби пайвандчини обдон сийлади. Пайвандчи галдираб қолган пайтда катта пул ваъда қилиб, мозористонга бошлаб борди. Қабр очилиб, белкурак темирга «тақ» этиб урилганда ҳовуч-ҳовуч тиллалар чўнтагини тўлдириб қўйгандай қувонди. Темир тобут усти тупроқдан тозалангач, уни юқорига кўтариш муаммоси туғилди. Шунда пайвандчи «тепага чиқариб нима қиламиз, жойида очаман, кейин кўмиб қўяверамиз», деб пастга тушди. Майитнинг қорнини мўл, темир тобутнинг ўртасини кавшарлагичнинг ўтли тили билан доира шаклида кеса бошлади.

Қишлоқнинг кимсасиз мозористонида, юлдуз тўла осмон остида ваҳшийлик дейилса ваҳшийликдан-да юксакроқ, ҳайвонлик дейилса ундан-да устунроқ, ҳаромилик дейилса ундан-да тубанроқ бир юмуш билан банд эдилар. Темир тобут билан оловли тил орасида сачраётган учқунлар шайтонлар шодиёнасида отилаётган мушак каби эди...

Пайвандчи бир оз ишлагач, юқорига қаради:
— Хўжайин, юзта отиб олмасам бўлмайди, қўланса ҳид томоғимни ғип бўғди, — деди у.
— Озгина чида, олдингга юз шишани териб қўяман, ичаверасан, — деди Селим.

Пайвандчи яна озгина ишлаган бўлди-ю, яна зорланди. Учинчи марта ялингач, Селим кўчада қолдириб келган машинаси сари юрди. Мозористондан чиқишга улгурмай, кучли портлашдан эсхонаси чиқиб кетди. Қўрқувдан ўтириб қолганини ўзи ҳам сезмади. Бир неча дақиқа ҳушсиз ўтирди, кейин нима воқеа юз берганини англаб, шошилганича машинасига ўтирди-ю, қишлоқни катта тезликда тарк этди.

Қабристондаги портлаш ҳақида турли миш-мишлар тарқалди. Милитсия бир қанча вақт жиноят изини қидиргандай бўлди. Ашёвий далил сифатида йиғиб олинган одамнинг бўлак-бўлак аъзоларидан бирон-бир хулоса чиқариш имкони бўлмади.

Орадан кунлар ўтиб, Селимнинг ваҳимаси босилди. Жонини сақлаб қолгани учун бир қўй сўйдириб, худойи қилди. Бу дунёда полковникнинг турқини кўрмасам керак, деб юрарди. Полковник билан Гамлетнинг бир қамоқхонада учрашиб, тил топишиб қолишларини у қаердан билсин? Қорадори билан қўлга тушиб қамалган зобитда гап кўплигини сезган Гамлетнинг муддаога етишини Селим ўйлаб ҳам кўрмаган эди.

Алҳол, «Лебединая песня» ресторанидаги дастурхоннинг нариги бетида гарангсиб ўтирган полковникка тикилиб қолган Селим унинг бу ерда пайдо бўлиши тафсилотларини билмас эди. Ораларида ноз-неъматга тўла дастурхон эмас, балки ўлим жари устига тортилган қил кўприк мавжудлигини, бу қил кўприкдан аввал ким қулаши Хонгирейнинг марҳаматига боғлиқ эканини унинг калта фаҳми идрок этолмасди.

Селим полковникнинг бемаъно боқаётган кўзларига тикила туриб, унга лаънат ўқларини ёғдирди. Бошига тушган кўргулик учун уни айблади. Тобут портлаган пайтда ҳам шу фикрда эди. Ўшандан бери «бу кўргуликка полковник эмас, ўз нафсим айбдор», деган ҳақ фикр хаёлини ёритмади. Агар биров, айтайлик, Хонгирейми ёки Маматбейми шундай деса ҳам бу ҳақиқатни тан олмаган бўларди. «Ўлиминг олдидан бир сўз айт», деб сўнгги имкон берилса, ўшанда ҳам нафсини эмас, полковникни лаънатлай-лаънатлай жон берган бўларди.

Маматбей «соғиниб қолган бўлса маза қилиб тикилиб тўйиб олсин», дегандай индамасдан турди. Сўнг бу манзара ғашини келтириб, эшик оғзидаги йигитга ишора қилган эди, у полковникни бошлаб чиқиб кетди. Шундан кейин Маматбей Селимнинг қадаҳини яна ароққа тўлдирди.
— Ич, қорнингни тўйғазиб ол.

Селим бир-икки қултум ичди-ю, қадаҳни яна жо-йига қўйиб, Маматбейга қаради:
— Маматбей, ахир... у пайтда сизларни яхши билмасдим... Мен ёлғиз ишлардим. Ўтган иш ўтиб кетди... Мен сизларга хиёнат қилмадим-ку?
— Сенга биров «хиёнат қилдинг?» дедими? Ол, ичиб қўй.
— Мен...
— Довдирама. Шунчалик қуёнюрак экансан, нима қилардинг катта овга осилиб. Сени ўлдирмаймиз. Сени бизга Ҳосил совға қилиб кетган. Биз совғани бекордан бекорга ташлаб юбормаймиз. Бундан бу ёғига қада-мингни билиб бос.
— Мен.. болаларимдан хабар олиб келай.
— Аҳмоқ экансан! Княз сенинг жонингни қайтиб берди. Бу мукофот учун хизмат қилишни ўйламай, болаларим, дейсан, а? Сен болаларингни унут. Ҳозир изингга қайтасан.
— Бир ўзимми?
— Агар йўқ демасанг бирга борардим.

Бу пичинг замирида «енди сен ёлғиз юрмайсан, шунга ақлинг етмадими?» деган маъно ётарди.

Москвадан қайтишган куннинг эртасига Маматбей хўжайинига қўнғироқ қилиб, ундан топшириқ олди-да, гўшакни жойига қўйгач, бош чайқаганича, афсус билан:
— Княз хунук хабар етказди — полковнигинг ўлибди. Юраги чатоқ экан-да, а? Айтмоқчи, сенинг юрагинг ҳам безовталаниб турадими? — деди.

Селим бу айтилмиш гапнинг ёпинчиғи остида қандай маъно яшириниб ётганини англаса-да, бирон нима демоққа чорасизлиги туфайли тилини тийишга мажбур бўлди. Селим Москвага чорланиб, учиб бораётган маҳалидаёқ, Хонгирей томонидан тақдири ҳал этилиб қўйилганини билмасди. Изига қайтилиб, Ҳайдар йўқлангач, Хонгирейнинг бирон топшириғи айтилар, деб ўйлаб, янглишмади.

Кесакполвон келгач, Маматбей ундан ҳол-аҳвол сўраган бўлди-да, Асадбекнинг айтган гапига зид равишда, Хонгирейнинг ундан норози эканини баён қилди. Наркокурер танлашда асосан Кесакполвон адашгани, Маматбей билан Селим унга тўла ишониб, хатога йўл қўйгани учун Хонгирей томонидан танбеҳга лойиқ кўрилгани ҳам билдирилди.

Норасмий хўжайиннинг шошқич равишда Москвага чорланганидан хавотирда юрган Кесакполвон «Селим шу мақсадда чақирилган экан-да?» деган ўйда ташвишини босди. Маматбей хўжайинининг марҳамати туфайли бу сафар ҳеч ким жазоланмаслигини айтгач, янги наркокурер танлашда адашиш қимматга тушажагидан огоҳлантирди. «Қани, булар ўйлашсин-чи, кимни таклиф этишаркин», деган фикрда улардан жавоб талаб қилиб, шоширмади. Улардан садо чиқавермагач, икковини ҳайрат денгизига улоқтириб:
— Хонгирейнинг фикрича бу сафар таваккал қилмай, икковларингдан бирларинг боришларинг керак,— деди.

Бу кутилмаган таклиф Селимни ҳам, Кесакполвонни ҳам довдиратиб қўйди. Айниқса ўзини бу томонларнинг хўжайини деб юрган Кесакполвон дастёрликка тушиб қолишини ҳазм қила олмади. Ичида «Хонгирейингни ҳам, ўзингни ҳам...» деб сўкинди-да, «Бу сенбоп иш экан», деган маънода Селимга қаради. Селим ҳам ўз навбатида «Мен Хонгирейнинг бу ердаги вакилиман, демак, бу ишни сенга юклайман», деган маънода унга тикилиб олди.

Маматбей ички талвасадаги бу икки одамнинг ҳолатидан ўзича кулиб қўйди-да, ажрим чиқарди:
— Ҳайдар бу соҳани яхши билмайди. Селим, сен бунақа ишда ҳар қанақа итни тириклайин ютворадиган бўлиб қолгансан. Князга бир хизмат қилиб, ўзингни оқлаб олмайсанми? Ҳайдар ишончли йигитларидан бирини сенга дастёрликка беради.

Маматбей мулойим оҳангда гапирган бўлса ҳам, Селим таклиф эмас, буйруқ берилганини, итоат этишга мажбурлигини англаб, бу фикр Кесакполвондан чиққандай унга ўқрайиб қараб қўйди. Кесакполвон берадиган йигит дастёр эмас, уни бир қадам нари-берига юришга йўл қўймайдиган қўриқчи эканини англади.

3

Селимнинг ёнида ким бориши ўйланаётган пайтда Жамшид Тарзанни Асадбекка рўпара қилиб, учрашув натижасини кўчада кутиб турган эди. Хожаси атрофига ишончли йигитларни тўплаш нияти борлигини айтмаса-да, Жамшид унинг мақсадини уқиб, Тарзанни ҳам, унинг йигитларини ҳам аввал ўзи чиғириқдан ўтказиб кўрган эди. Тарзаннинг Асадбекка маъқул келишига ишониб, янглишмаган экан. Асадбек Тарзанга ижозат бергач, Жамшидни чақириб «бу боллардан ўзинг кўз-қулоқ бўлиб тур, ҳозирча жим юришсин. Харажатлари менинг бўйнимда», деб тайинлади.

Жамшид отасининг аҳволидан хавотирлангани учун рухсат сўраб уйга барвақтроқ қайтган эди. Ўгай онаси билан икки-уч оғиз сўзлашишга улгурмай, Кесакполвондан чопар келди.

Жамшид Маматбейни Асадбекнинг тўйида кўрганида у танимагандай ўтиб кетган эди. Ҳозир эса Жамшидни ўрнидан туриб қаршилади. Узоқ вақт кўрмай, соғиниб қолган укасининг дийдорига етган бахтиёр акадай сўрашди. Зарур топшириқ бериш учун эмас, шунчаки сўраб қўйиш учун чақиргандай гаплашиб ўтирди. Сўнг соатига қараб олди-да:
— Икки соатдан сўнг Красноярга учасан, — деб унга синовчан тикилди.

Асадбек томонидан огоҳлантирилган Жамшид бу амрни хотиржам равишда қабул қилди.
— «Нимага?» деб сўрамайсанми?
— Ҳайдар акам «нимага?» деган саволни ёмон кўрадилар. «Хўп», дейишни ёқтирадилар, — деди Жамшид Кесакполвонга қарамай.
— Боланинг тарбияси менга ёқди, — деди Маматбей кулимсираб, сўнг ўрнидан туриб, Жамшидни ён томондаги эшик томон бошлади-да, пардани сал тортиб, қўшни хонага ишора қилиб: «қара», деди. Жамшид оромкурсида ястаниб ўтирган Селимни кўрди-ю, Маматбейга «қарадим, энди бу ёғи нима бўлади, айтаверинг», дегандай боқди.
— Танийсанми?
— Сал-пал.
— Яхши. Йўлда дурустроқ танишиб оларсан. Сен шу акангни Красноярга кузатиб борасан. Киприк қоқмай кузатасан, сал нари-бери бўлса, аяб ўтирмай йўқотасан. Красноярга бориб, «Сибир» меҳмонхонасига жойлашасанлар. Унинг қўлидаги молга эҳтиёт бўласан. Кечаси у ухласа ухласин, сен ухламайсан. Тонгда кўчага чиқасан-да манави рақамга телефон қилиб Никита Варшавскийни сўрайсан, — Маматбей шундай деб унга бир парча қоғоз берди. — Унга «молни олиб келдим, сизни қизиқтирадиган қоғоз аеропортдаги автомат юкхонанинг қирқ олтинчи катагида» десанг бас. Ўша заҳоти темирйўл бекатига борасану Новосибирга жўнайсан. У ердан бу ёққа учасан. Қолган гапни кейин гаплашамиз.

Маматбей топшириғини айтиб бўлгач, Кесакполвонга «чақир», дегандай қараб қўйди. Кесакполвон зийрак ва чаққон дастёр каби ўрнидан туриб эшикни очди-да, Селимни чақирди.

Йўлда Селим ўзини мўминтой бола сингари тутди. Жамшидга оғирлиги тушмади. Меҳмонхонага жойлашишгач, ресторандан емоқ-ичмоққа лозим нарсаларни буюриб, яқиндан танишгандай бўлишди. Мўлжалдан кўпроқ ичиб олган Селим бу йигитга ҳасрат дафтарини очмоқни истади. Портлаган темир тобут, кутилмаганда пайдо бўлиб қолган полковник ҳақида гапириб, ўзининг жабрдийда эканини айтиб раҳм-шафқат уйғотишни мўлжал қилди. У Жамшидга берилган топшириқдан бехабар, эрталаб мижозга қўнғироқ қилиш билан вазифасини уддалаб изига қайтишдан умидвор эди. Мижознинг Козловга тегишли йигит экани, унинг аллақачон ҳибсга олингани эса, шубҳасиз, Селимга маълум эмасди. Дастлаб ҳасратини очишни истаган Селим фикридан қайтиб, тилини жиловлашга ҳаракат қилган бўлса-да, ароқнинг кучи билан чулдирай-чулдирай, гап орасида Афғондан келган темир тобутнинг портлаганини айтиб қўйди. Жамшид буни муҳим жиддий гап сифатида қабул қилмади. Уйга қайтгач, зиммасига янги вазифа юклатилганда Селимнинг мастликда айтиб қўйган бу гапини ўзича таҳлил қилди.

Ароқ кучини кўрсатиб, Селимни қулатиб қўя қолди. Жамшид уни аранг судраб каравотига ётқизиб «ростданам қаттиқ ухлаяптими ё найранг қиляптими?» деган гумонда тез-тез қараб турди.

Жамшид белгиланган вақтда кўчага отланди. Селим қўлдан қўймай кўтариб келган дипломатга қараб олди-да, уйқудан уйғонганида кўражак томошаларни кўз олдига келтириб, унга ачинди.

Красноярда ҳам, Новосибирда ҳам Асадбекка қўнғироқ қилиш имконияти бўлса-да, Жамшид бундан ўзини тийди. Қайтганидан кейин ҳам унга учрамай, Маматбей қўноқ тутган жойга келиб, ҳисобот берди.

Маматбей унинг гапларини эътиборсизлик билан тинглади. Жамшид арзимаган юмушни бажариб қайтиб, кўпиртириб мақтанаётган боладай ўзини ноқулай сезди. У гапдан тўхтагач, Маматбей Кесакполвонга қараб:
— Красноярдагилар қўнғироқ қилишди, Селим ҳам қўлга тушибди, — деди. Кейин арзимаган нарсани эслагандай илова қилди: — Бечоранинг юраги касал эди, уларнинг қийнашларига чидармикин?

Жамшид ҳам, Кесакполвон ҳам бу ачиниш замирида қандай аянчли оқибат ётганини англаб, бир-бирларига маънодор қараб олдилар.

Маматбей ён чўнтагидан қизил жилдли гувоҳнома чиқариб, Жамшидга узатди:
— Сен энди афғон урушининг фахрийсисан. Марказий кенгаш аъзоси сифатида афғонда ўлган уч-тўрт қуролдошингнинг оиласидан, қабрларидан хабар олиб келасан. Эсингдан чиқмасин, уларнинг қабрлари атрофи обод бўлса ҳам, қаровсиз қолибди, деб танбеҳ бериб келасан, — Маматбей стол устида турган газета парчасига ўроғлик пулни кўрсатиб, қўшиб қўйди: — Бу пулларни ўлганларнинг ота-оналарига бўлашиб берасан. Кийимларингни ўзгартир, уларда яхши таассурот қолдиришга ҳаракат қил. Яқинда Москвадан махсус вакил келишини ҳам айт. «Ўғилларингга орден берилган экан», деб қувонтириб қўй.

Жамшид борадиган манзилларни ёзиб олгач, кетишга ижозат сўради.

XXIII боб

1

Қиш чилласида қайноқ қор ёғишини кутган каби Асадбек ҳам, Манзура ҳам ўғилларининг соғайиб кетишига умид қилишарди. Чақирилган врачлар аниқ ташхис қўёлмай Асадбек қаршисида мулзам бўлишарди. Тўйнинг эртасига Абдураҳмон табибникига бориб келган Жалил ҳам тайинли гап айтмади. Табиб бериб юборган туркана дори озгина эм бўлгандай туюлди, ҳатто Абдулҳамиднинг бетларига қизиллик югурди. Лекин орадан кун ўтгач, аввалги аҳволига қайтди. Абдулҳамид ота-онаси, аҳли аёли ҳузурида ўзини тетик тутишга ҳарчанд уринмасин, тураридан ётари кўпайиб борарди.

Асадбек Абдураҳмон табибнинг касаллик ҳақидаги мужмал жавобидан, кўргани келмаганидан нохушлик исини сезиб, юраги пораланди. «Худо хоҳласа отдек бўлиб кетади», деб Манзурани юпатса ҳам, бу юпанч сўзларига ўзи ҳам ишонмай борарди. Врачлардан бири «Бу касаллик бизга номаълум, Москвадан дўхтир чақирганингиз маъқул», дегач, Асадбек Иликога қўн-ғироқ қилди. Тавсия этилган врач Абдулҳамидни кўр-гач:
— Ҳамкасбларим адашишмаган, — деди. — Бу тропик безгак эмас, лекин шу турдаги касалликнинг бизда ҳали яхши ўрганилмаган тури. Москвада саккиз кишининг оғригани қайд этилган.
— Тузалишганми? — Асадбек шундай деб сўради-ю, кейин афсусланди. Ундан «Йўқ, ҳаммаси ўлган, сизники тўққизинчиси», деган жавобни кутиб, юраги пораланди.

Врач унинг саволини эшитмагандай, жавоб қайтармади.
— Бу касал юқумли эмас, фақат қондан ўтиши мумкин.
— Қондан? Қандай қилиб?
— Масалан игна орқали... ёки бирон дорига аралашиб...
— Нима қилиш керак?
— Энг яхши дори – умид, азизим, — деди врач. — Ўғлингиз ёш, бақувват, касални ўзининг қуввати билан ҳам енгиши мумкин. Олаётган дориларини эса давом эттириш зарур...

Москвалик врачни кутиб олган Бўтқа уни иззат-икром билан кузатди.

Асадбекнинг кўзига дунё қоронғу бўлиб турганида Жамшид кириб келди. У хожасининг аҳвол-руҳиясини кўрибоқ изига қайтишга ошиқди. Лекин Асадбек унга рухсат беришга шошилмади. Ҳозир ёнида сирдош бўлмаса ҳам, бир одам ўтиришини истарди. Худди мотамни бошлаб юборгандай тумтайиб ўтириш ўзига ҳам таъсир қилиб:
— Қаёқларда юрибсан? — деб сўради.
— Красноярга бориб келдим...

Бу гапдан кейин ғамнок Асадбек асл Асадбекка айлангандай бўлди. Жамшид сафари ҳақида батафсил маълумот бергач, афғонда ҳалок бўлганларнинг қабрларини зиёрат қилиб қайтганини ҳам айтди.

Бу янгиликларни эшитган Асадбек ўйга толди. Қабр-лар билан қизиққан Хонгирейнинг мақсадини англагандай бўлди. У қорадорини шаҳардан шаҳарга, мамлакатдан мамлакатга олиб ўтишнинг турли йўлларини эшитган эди. Ҳатто қўйларга наша барглари едириб, қумалоқларини олиб ўтувчиларни ҳам биларди. Лекин бунақаси... Ҳатто ўликни тинч қўймасликлари... Асадбекнинг вужуди бир тўлғониб олди-ю, аммо ўзини босишга куч топди.

Жамшид янгиликларини баён этиш жараёнида Хонгирейнинг мақсадини англаганига ишора қилганди. Шу сабабли Асадбек ўйлаганларини, гумонларини, хулосаларини унга ошкор қилмади. Фақат «Сергак бўлиб тур», деб огоҳлантирди.

Жамшид кетгач, Асадбек унинг гапларини яна фикр тарозусидан бир-бир ўтказди. Унинг Селим билан яқин салом-алиги бўлмаса-да, қорадори билан шуғулланишини яхши биларди. Ҳосилбойвачча билан келишолмай юришидан ҳам хабардор эди. Ўтган йилги ғалвалардан сўнг унинг изини йўқотган эди. Бу йил кутилмаганда пайдо бўлиши, яна Кесакполвон билан ош-қатиқ бўлишлиги сабабларини Асадбек ҳали тушуниб улгурмай, иш бу томонга айланибди. Маматбей «юраги чатоқ» деган бўлса, демак, Селимга биринчи сўроқ ҳам насиб этмайди. Милитсияга кўп гапларни айтиши мумкин бўлган одамнинг кўп яшашига йўл берилмайди.

Бу масалада Асадбек янглишмаган эди.

Жамшид Новосибирдан учган пайтда бир кишилик қамоқхонада ўтирган Селимнинг бақувват юраги уришдан тўхтаган эди...

Селим Хонгирейнинг қаҳрли нигоҳига рўпара келган ондаёқ унинг кўзларидан ўлим ҳукмини ўқиган эди. Ресторандаги талвасаси бежиз эмасди. Лекин Маматбейнинг гапига ишониб, шафқатга умид қилди. Красноярга жўнатилишида ҳам бир зулмни сезиб турса-да, яна умидга алданди. Ҳатто милитсия машинасига ўтираётганида, қамоқ хонасига кирганида ҳам умидини узмаганди. Хонгирейнинг атрофида зир қақшаб яшагандан кўра, турмада умр кечириш унга роҳатдай кўриниб, бу қисматидан рози бўлди.

Бошидаги гаранглик чекиниб, хаёли бир оз равшанлашгач, кўргуликларини идрок этмоқчи бўлди. У Маматбей айтганидай, катта овга бир мартагина қўл урмоқчи бўлувди. Оғзи куйиб, тавба қилиб, қатиқни ҳам пуфлаб ичадиган бўлиб қолса-да, барибир ҳали у томондан, ҳали бу томондан турткилайверишларига у ҳайрон эди. «Онангни кўрсатаман», деб юрган Ҳосилбойваччанинг ўзи кўрадиганини кўрди. Зелихон ҳам ўлдирмоқчи эди, у ҳам насибасига ярашасини олди. Энди Хонгирей... У «ўлдираман», дегани йўқ... Селим шунисидан қўрқди...

У «Сўроқ қачон бошланаркин, қийнаса ҳам чидашим керак, Хонгирейни сотсам, шу ерда чиритади», деб ўйлаб ўтирганида эшик очилиб, икки йигит кириб келди-ю, ура бошлади. Селим буни «сўроқ олдидан тайёргарлик», деб билиб, букчайиб, бошини қўллари орасига олганича чидади, овоз чиқармади. Йигитлар тез чарчашдими ё биринчи галдаги «ишлов» шундай камроқ белгиланганмиди, уришни бас қилишиб, чиқиб кетишди.

Селим шундан кейингина ихранишини бошлади. Шундай кейингина калтак зарблари ўз кучини кўрсатди. Кўнгли ағдарилди. «Ичимда бир нима ёрилди», деб ўйлади у. Орадан ярим соат ўтмай, йигитлар қайтиб киришди. Селим аввалги сафар эътибор бермаган эди, йигитлар унинг юзига тегишмай, фақат қорни, биқинию кўкрагини мўл уришарди. «Селим «нега шундай?» дейишга улгурмади. Ҳушидан кетди. Шу аснода яна қанча тепки, қанча мушт еганини билмади.

...Оғриқлар вужудини тарк этиб, қуш каби енгил тортди. Ҳатто уча бошлади. Далалар, тоғлар устидан учиб ўтди. Роҳатланди. Фарғонадаги уйигача борди. Қўнди. Лекин... Уйга қўндим, деб ўйлаб қувонувди. Йўқ... қараса, қамоқ хонасига қўнибди... Эшик оғзида кимдир турибди. Урган йигитларга ўхшамайди. Диққат билан тикилди: Зелихонми? Ҳа, Зелихон...
— Бошингга итнинг куни тушибди-ку? — деди Зелихон кулиб.
— Мен бунчалик бўларини кутмаган эдим, — деди Селим.
— Қанақа бўлади, деб ўйловдинг?
— Билмайман.
— Сен нон берганларга хиёнат қилувдинг. Энди ҳақини тўла.
— Айб менда эмас.
— Менинг бобомга, Исмоилбей оғамга кафанни ўзбеклар беришган эди. Сен эса кафанга зор бўлиб ўласан. Шу нарсага ақлинг етадими сенинг?
— Ҳа, тушунаман.
— Тушунмайсан. Сен нафсингга қул бўлиб яшаган эдинг, энди кафанлигинг ҳам нафс бўлади.
— Мени ўлдирасизми?
— Ҳа. Эсингдами, Фарғонадан қочаётганингда қаёққа борсанг ҳам излаб топиб, отаман девдим.
— Зели оға, ундай деманг, мен сизни ҳурмат қиламан.
— Ҳа... ўшанда ҳам шундай девдинг. Сен мени ҳурмат қилолмайсан. Чунки мен ўлганман. Эшитмовдингми?
— Эшитганман.
— Охирги кўришганимиздаги гапим эсингдами? «Сен мени кутгин, бир кунмас бир кун уйингга кириб бораман. Агар бир бало бўлиб қамалиб кетсам, одам юбораман. Сени ўлдириш – мен учун қиёмат қарз!» демаганмидим? Мен сени топдим. Энди қарзни узиш керак. Тўппончадаги ўқ сени кутавериб занглаб кетди.

Зелихон шундай деди, аммо қўлида тўппонча кўринмади. Панжаларини очган равишда унга яқинлашди. Сўнг бўғди...

Харидоргир дўзах аҳли қаторида умр кечирган Селимнинг ҳаёти шу тарзда поёнига етди. Шоир айтмоқчи:

Сесканмай шум нафснинг хоҳишларидан,

Маст бўлиб шайтоннинг олқишларидан,

Қўрқмасдан мазлумнинг қарғишларидан

Умри ҳам ўтди...

Селимнинг сўнгги нафаси шу тарзда кечиб, «юрак хуружидан жон берди», деб расмийлаштирилди.

Асадбек Селимнинг Хонгирей қармоғига қандай илинганини ўйлаб ўтирган пайтда «шахси номаълум» деб топилган наркокурернинг жасади куйдиришга тайёрланарди...

2

Жалил Абдулҳамиднинг кундан кун сўлиб бораётганини кўриб, Асадбекка билдирмай, Муҳиддин отани олиб келди. «Ҳозир ошнамнинг ёнида суянадиган бир одам бўлиши керак. Менинг тилим ёмон, суянаман, деганида бир гап айтвориб, дилини баттар хира қиламан», деб қўйди. Отанинг келиши Асадбек учун айни муддао бўлди. Суҳбатлашиб ўтирган чоқлари Асадбек ғам-ташвишдан бир оз узоқлашган бўларди-ю, лекин ёлғиз қолганида изтиробли хаёллар яна банд этаверарди. У москвалик врачнинг касаллик ҳақидаги гапини кўп ўйлади. Ўйлай-ўйлай гумонлари оқими Хонгирей томонга бурилавергач, Абдусамадни чақириб, гапга тутди. Абдусамад хорижда эканликларида дўхтир зотига яқинлашмаганларини айта туриб, Москвада тут-қун бўлган кечаси билак томиридан қон олишганини айтди. Асадбек эслади: ўшанда ҳам айтишувди, қорадори истеъмол қилинганини аниқлаш учун олишган экан. Ўшанда бунга ишонган эди. Абдусамаднинг гапидан сўнг гумон ҳақиқатга айланиб, Асадбек Иликога қўнғироқ қилди. «Ўғлимга ёмон касаллик юққан. Москвадаги қамоқхонада қон олишганда юқтиришган», дейишининг ўзиёқ Иликога кифоя қилди. Асадбекнинг «икки-уч кундан кейин борайинми?» деган таклифини бутунлай рад этди.

Москвалик врач «енг яхши дори – умид», деб бу хонадондагиларнинг умидига қувват бергандай эди. Бироқ, умид саройи гўё муздан барпо этилгандай кун сайин эриб борарди.

Манзура туну кун мижжа қоқмай ўғлининг қошида ўтирмоқни истарди. Асадбек «боласининг рангига қарайвериб куйиб кул бўлмасин», деган фикрда уни чақириб, турли юмушлар буюраверарди. Хотинининг қўли ишда-ю, хаёли боласида эканини кўравергач, уни ўз ҳолига қўйди.

Асадбек ўғлининг ёнига кирганида унга кўнгил кўтарувчи гапларни айтишни истарди. Лекин тилга гап кела қолмасди. Мўлтиллаб ўтириш ўзига ҳам ёқмай, ўқишдан гап очаверарди. Бу сафар ҳам шундай бўлди. Унинг домлалари ҳақидаги гапига ўғли кутилмаган жавобни берди:
— Ада, бизга берилган таътил чўзилиб кетди. У томонларда «ҳа, ҳечқиси йўқ», дейилмайди. Доктор Худоёр ҳам аямайдилар. Акам билан янгамга ижозат беринг, хўп десангиз, келинингиз ҳам бирга кетсин. Мен сал ўзимга келволсам, етиб бораман.

Асадбек бир оз ўйлангандай бўлди, бироқ, аниқ қарорга келмади. Ўғлининг жавоб кутиб, тикилиб ётганини кўриб:
— Ўзлари билан маслаҳат қилай-чи, — деб қутулмоқчи бўлди.
— Ўзлари билан маслаҳат қилманг, — деди Абдул-ҳамид. – Эртага йўлга чиқишса, индинга у ёққа учишлари мумкин. Бўлмаса, яна бир ҳафта йўқотишади.

Асадбек «гапинг тўғри», дегандай ўғлининг бошини силаб қўйди.
— Ада, — деди Абдулҳамид, — Москвалик дўхтир «умид қилинг», деди, а? Агар устозимиз доктор Худоёр бўлганларида «Оллоҳнинг раҳматидан умид қилинг», дердилар. Бир шарафли ҳадис бор экан: Оллоҳ-таоло раҳматини юз қисмга бўлиб, тўқсон тўққизтасини ўзига олиб қолиб, фақат биттасини ер юзига туширган экан. Яралганлар, яъни бутун одамлару жонли зотлар бир-бирларига раҳм қилишлари учун шундай бўлган экан. От туёқларининг боласига тегиб кетишидан қўрқиб, туёқларни кўтариб юриши учун ҳам шундай экан...

Асадбек ўғлига «сен шунақа гапларни ҳам биласанми?» дегандай ажабланиб қаради. Абдулҳамид отасининг бу қарашидаги яширин маънони уқиб, кулимсиради.
— Доктор Худоёр бизга дунёвий илм берардилар. Бир куни «сиз энг асосий илмдан узоқсиз», дедилар. Биз ажабландик. Шунда ҳадис айтиб бердилар. Абдуллоҳ ибн Мусаввир Ҳошимийдан ривоят қилинган экан: Бир киши Пайғамбаримиз ҳузурларига келиб, «менга илмнинг ғаройибларидан ўргатмоғингиз учун ҳузурингизга келдим», дебди. Шунда унга: «Илмнинг аввалида нима ишлар қилдинг?» дебдилар. У: «Илмнинг аввали нима?» деб сўрабди. «Улуғ ва қудратли Роббингни танидингми?» дебдилар. «Ҳа» деб жавоб берибди. «Оллоҳнинг ҳаққига нима ишлар қилдинг?» деб сўрабдилар. «Оллоҳ ҳоҳлаганича ишлар қилдим», деб жавоб берибди. Кейин «Ўлимни билдингми?» дебдилар. «Ҳа», дебди у киши. «Ўлим учун нима ҳозирлик кўрдинг?» дебдилар. «Оллоҳ хоҳлаганича», дебди. «Боргил ва у ерда ҳам шу тарзда давом эт, кейин келсанг, сенга илмнинг ғаройибларини ўргатаман» дебдилар. Бир неча йиллардан кейин у киши яна келганда Пайғамбаримиз унга: «Қўлингни қалбингга қўй, ўз нафсинг учун рози бўлмаган нарсани мусулмон биродаринг учун ҳам рози бўлма, ўзингга раво кўрган нарсани мусулмон биродарингга раво кўргин, мана шу илмнинг ғаройибидир», деган эканлар... – Абдулҳамид толиқиб, кўзларини юмди. Қуриган лабини тили билан намлаган бўлди. Асадбек илиб қолган чойдан қуйиб ичирди. Шундан сўнг Абдулҳамид гапини давом эттирди: — Яна бир ҳадисда Пай-ғамбаримиз ваъз айтган эканлар: «Беш нарсадан олдин беш нарсани ғанимат бил, — дебдилар у зот, — қарилигингдан олдин йигитлигингни, бир ишга машғул бўлиб қолишингдан олдин бўш вақтингни, фақирлигингдан аввал бойлигингни, ўлимингдан олдин тириклигингни, касал бўлмасингдан олдин соғломлигинг-ни ғанимат бил...» Пайғамбаримиз айтган шу беш нарсада кўп илмлар жам қилинган экан...

Абдулҳамид «мен бу илмларни эгаллай олмадим», деган афсусини тилига чиқармади. Бунинг ўрнига чуқур нафас олди.

Асадбек ўғлининг армонини англаб, кўнглига малҳам бўлгувчи сўз айтмоқни ихтиёр этди-ю, шундай сўз тилига келмади. Буйруқ беришга, баъзан ҳақоратлашга ўрганиб қолган тил ўз фарзандига тасалли сўзларини айтмоққа ожизлик қилиб қолди.

Умри кузагининг адоғига етиб қолганини англаб етган Абдулҳамид ёлғиз қолган кезлари ўй ўйлаб ота-онасига баъзи гапларни айтмоқликни истарди. У онасини қандай овутишни билмасди. Оналик бахти нималигини энди кўраман, деб турган аёл кулфат бўронига дуч келганда уни қандай юпатиш мумкин?

«Ойижон, мендан рози бўлинг. Сиздай онага ўғил қилиб дунёга келтиргани учун Оллоҳга ҳазор-ҳазор шукрлар айтаман. Сизнинг хизматингизни қилиш қисматда йўқ экан... Худо сизга сабрни мўл-мўл қилиб берган. Ойижон, келинингизнинг боши қоронғу, агар Худо қиз берса унга «Ёдгора» деб исм қўйманглар. Ўзингизга ўхшасин, «Манзура» деб қўйинг... Келинингиз истаган ерида яшасин. Турмуш қурсин, мени деб ёлғиз ўтмасин, гуноҳ бўлади...»

Абдулҳамид шунга ўхшаш аллақанча гапларни ҳозирлаб қўярди-ю, онаси кириб келиши билан ўйлари буғ каби кўтарилиб кетарди. Бу гапларидаги ҳар бир сўз заҳарли ўққа айланиб, онаси юрагига санчилиб, уни яралаб, беадоқ азобларга гирифтор этмоғига ақли етарли.

Она ўғлини қучоқлаб, ўпиб, кўз ёш тўкарди.

Ўғил онани қучоқлаб, ўпиб, кўз ёш тўкишдан ўзини тиярди...

Дунёга келганида олам-олам қувонч бахш этган фарзанд онасини олам-олам андуҳи фурқат денгизига ғарқ қилиб, тарки жон қилишга ҳозирланарди.

Абдулҳамид айниқса отасига кўп гапларни айтмоқни истарди. У отаси ҳақидаги миш-мишларга унча ишонмаса ҳам, бу бойлик, бу эътибор ҳаромлик сойининг оқавалари эканига ақли етиб турарди. Хорижга кетмасидан аввал, айниқса доктор Худоёрнинг қаноти остига ўтмасидан олдин бу бойлик, бу шон-шуҳратни Худо томонидан берилган табиий неъмат деб биларди. Кейин-кейин Худо эмас, шайтон алайҳилаъна мукофоти эканини англай бориб, кўп сиқилди. Ўғил ҳаддида туриш унинг учун ғоят оғир кечди. Унинг руҳи икки ўт оралиғида жизғанак бўлди. Шайтоннинг мукофотларидан шодон яшаганликлари эвазига Яратганнинг ажри ҳалитдан берила бошлаганини Москвадаги турмада ўтирганидаёқ ҳис этди у.

Абдулҳамид отасига айтар сўзларини Муҳиддин ота воситасида етказмоқни хаёл қилди. Муҳиддин ота кирганида у ўзини анча енгил ҳис этарди. Худди доктор Худоёр ҳузурида руҳига қувват олгандай.

Асадбек ўғлини юпатувчи сўзларни излаб ўтирганида Муҳиддин ота кириб, мушкулини осон этди.
— Ада, ишингизга бораверинг, бугун анча тетикман. Отам билан гаплашиб ўтираман, — деди Абдулҳамид жилмайишга ҳаракат қилиб.

Жилмайишга уринган лаблар билан ҳаёт нури сўнаётган кўзлар орасидаги масофа жуда қисқа, ота билан фарзанднинг айрилиқ онлари эса бундан-да яқин эди. Асадбекнинг ғаш кўнгли ниманидир сезгандай бўл- ди-ю, лекин айрилиқ омбури ишга киришганини идрок эта олмай, ўғлининг гапига ишонди. Ҳовлига чиққанида Манзуранинг одатдагидай «аҳволи яхшими?» деган савол назари билан қаршиланди.
— Ишга бориб келаверинг, деяпти, бугун анча тетик, а? — деди Асадбек.

Бир неча дақиқа аввал ўғлининг ҳузуридан чиққан Манзура унда тетиклик нишонасини кўрмаган бўлса ҳам, эрининг гапига ишонган бўлиб:
— Худога шукр! — деб қўйди.

Ҳакимлар айтадиларки: тўрт нарсанинг қадрини тўрт киши билгай: ёшликнинг қадрини ёши ўтиб қолганлар, тинчлик-хотиржамлик қадрини бошига бало тушганлар билади. Соғлиқ-саломатлик қадрини хасталаниб, ҳеч нарсага ярамай қолганлар, тириклик қадрини ўтганлар билгайлар. Агар буларга қўшимча жоиз бўлса, фарзанд қадрини фарзандининг сўнгги нафасларини кузатаётганлар билади, демоқлик балки мумкиндир?

Асадбек Зайнабни шармандали ҳолда учратганида отиб ташланган йигит ҳам кимнингдир фарзанди эди. Ҳосилбойвачча, Элчин ҳам... Элчинга рўпара қилинган Шилимшиқ ҳам, ўлимга ҳукм қилиниб, тирик қолган Жамшид ҳам... Ўз ўғлининг қайғусига банди Асадбек буларни ўйламасди. Жалилнинг «Худодан қайтибди», деган гапи ҳам қулоғи остида жарангламай қолган. Бу кўргуликни Худодан эмас, Хонгирейдан кўради. Ундан ўч олиш режаларини тузади. Баъзан инсоф уйғонган пайтларида эса «ўғлим тузалиб кетса бас, ҳеч ким билан ҳисоб-китоб қилмайман», деб ўзича онт ичади.

Абдулҳамид «ишга бораверинг», дегани билан Асадбекнинг борадиган иши йўқ эди. Шу сабабли нима билан машғул бўлишни билмай, шийпонга чиқиб ўтирди.

Бу пайтда Абдулҳамид Муҳиддин отанинг ёрдами билан ёстиқларни камайтириб, бамайлихотир чўзилиб олган эди.
— Умр ёнаётган шамга ўхшаркан. Бир пуфласа ўчаркан... – деди Абдулҳамид.
— Ҳай-ҳай, бўтам, асти бу гапни тилга олманг. Бу умрини яшаб бўлган кексаларга атаб айтилган, — деди Муҳиддин ота.
— Тез ёниб, тез ўчадиган шамлар ҳам бўлади-ку?
— Бу Оллоҳнинг иродасига боғлиқ, бўтам. Одамнинг кўзига шам тез ёнгандай кўриниши мумкин, аслида эса ўзгача бўлади.
— Сиз устозим доктор Худоёрга ўхшаркансиз. У киши билан учрашиб, бир суҳбат қурсангиз, биз бу суҳбатдан баҳраманд бўлсак...
— Шунақанги саодатли кунларга Оллоҳ етказсин.
— Доктор Худоёр айтиб берувдилар: Оллоҳ Юшаъ ибн Нуҳ алайҳиссаломга ваҳий қилибди: «Албатта мен сенинг қирқ мингта яхши умматингни ўз ихтиёри билан халок қилғувчиман ва ёмон умматингдан ҳам олтмиш мингтани!» Шунда Юшаъ алайҳиссалом «Ёмонларни жазолашинг мумкин, я Раббим, яхшиларга нега бундай жазо беражаксан?» деб сўрабди. Шунда Оллоҳ «Улар менинг ғазабим келадиган ишлардан ғазабланишмади. Ўшалар билан бирга ейишди, ичишди», деб жавоб берган экан. Ота, биз шундайларданмизми? Биз ўзимизни яхшилардан дейишга ҳақлимизми? Оллоҳнинг раҳматига умид қила оламизми?

Кутилмаган бу савол Муҳиддин отанинг бутун вужудини зириллатиб юборди. Ҳушини йиғиб, жавоб қайтаришга улгурмай Абдулҳамид гапини давом этди:
— Пайғамбаримиз «Албатта одамларнинг бир тоифасида ёмонликни ёпувчи яхшилик калитлари бордир, — деган эканлар. – Одамларнинг баъзисида яхшиликни ёпувчи ёмонлик калитлари бордир. Яхшилик калитларини Оллоҳ уларнинг қўлларига тутган кишилар қандай ҳам яхши одамлардир! Вайл бўлгай, Оллоҳ-таоло ёмонлик калитларини қўлларига тутган кишиларга!» Бу ҳадисдан менинг тушунганим – яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарувчилар мўъминлардан бўлишар экан.

Абдулҳамиднинг тин олганидан фойдаланган Муҳиддин ота уни қувватлади:
— Устозингиз гўзал хулқларни ўргатган эканлар. Ҳар бир онгли инсон биродарини ёмонликдан қайтариши керак. Оллоҳ таоло айтадики: «Вал мўъминууна вал муъминоат баъдуҳум авлияу ва баъдин яъмуруна билмаъруфи ва янҳавна анил-мункари...» яъниким, мўъмин ва мўъминалар бир-бирларига дўстдирлар. Улар яхшиликка буюрадилар, ёмонликдан тўхтатадилар...

Бу гапдан сўнг Абдулҳамид Муҳиддин отага ялинувчи боланинг кўзлари билан тикилиб қаради. Ке-йин:
— Жон отажон, сиз шундай дўстлардан бўлинг. Тавба фасли ўтиб кетмасин, ҳеч кимнинг бошига Фиръавннинг кулфати тушмасин, — деб чуқур нафас олди.

Унинг «адамга шундай дўст бўлинг, тавбага етакланг, иймонсиз кетмасинлар» демоқчи эканини Муҳиддин ота тушунди. Сўнгги нафасларини олаётган йигит отасининг зулм йўлидан қайтишини истаб, бобо қадрдонига васият қилаётганини ҳам англади...

Муҳиддин ота айвонга чиқиши билан Асадбек унга ялт этиб қаради: отанинг салла ўрнига дўпписи атрофига боғлаб юрувчи оқ чит рўмолнинг йўқлиги унга ёмонликдан хабар бериб, танасидан жон чиқиб кетгандай бўлди. Қимирлашга ҳам, сўз айтишга ҳам ҳоли қолмади.

Меҳмонхонада ивирсиб юрган Манзура айвонга чиқиб туриб қолган отани кўрибоқ, «Вой, болам!» деб югуриб қолганини ўзи ҳам сезмади.

Муҳиддин ота эр-хотин келгунича жойидан жилмади. Сўнг:
— Оллоҳ сизларга сабри-жамиил ато этсин. Инна лиллаҳи ва инна илаҳи рожиуън[3], — деди-да, илова қилди: — Оллоҳ фарзанду аржумандингизга имон калимаси билан жон таслим этмоқ бахтини берди...

Ўша онда на Асадбек, на Манзура бу бахтнинг маъносини англадилар...

3

Камалак — чиройли, лекин иситмайди. Астойдил ёки тил учида айтилган ҳамдардлик сўзлари қанчалар кўп бўлса-да, қалб ярасига малҳам бўла олмас эди. Асадбек заиф жисмига қувват, мажруҳ ва дардли кўнглига сиҳҳат етишмай бу дунёни ташлаб кетган ўғли ҳажрида ўртанган кезлари ўзича бир ҳақиқатни кашф этди: ҳар қанча қийинчиликка дуч келса баён этарга бир меҳрибон дўст, бошига ҳар қандай қаттиқчилик етса изҳор қиларга сирдош ўртоқлар зарур экан. Биргина Жалил унинг ярасига малҳам бўла олмас экан. Ҳар ким айбсиз дўст қидирса, дўсти камаявераркан, дўстларини ранжитаверса, душмани кўпаяркан. Асадбек шундайлардан эканига ишонди. Бир куни Жалилга ҳазил аралаш «Сен мени яхши кўрасанми?» деганида, ошнаси жиддий тарзда «Яхши кўраман, лекин Худони кўпроқ яхши кўраман», деб уни мулзам қилган эди.

Донишмандлар «дунё надир?» деб сўрашганида, у «бир оҳга арзимас матоҳ», деган экан. Ўғлининг ўлимидан сўнг бутун топган-йиққанлари яримта оҳга арзимаслигини тушунди. Ҳаёт бор жойда ўлим ҳам муқаррар мавжудлигини барча билса-да, худди бундан бехабардай дунёдан кўнгил узмай, тиришгандан тиришади. Билмайдики, барча хатоларнинг асли айнан шу дунёга муҳаббатдир.

Асадбек хасталаниб, ҳаётдан умидини узиб қўйган пайтда, аниқроғи, Жалил Бухородан тилла танга олиб келган куни, икки ошна ҳаёт ҳақида эзилиб суҳбатлашишган эди.
— Шу тилла танга неча юз йил аввал қуйилган экан. Нечта қўлдан ўтган, нечта одам шуни деб бир-бирини ўлдирган экан. Агар ҳозир кўчага чиқариб ташласанг, яна нечта одам шуни деб бир-бирининг гўштини еркин?
— Одамлар тилла учун олишмайдилар, аслида яшаш учун олишадилар. Бу тилла яхши яшашнинг бир воситаси, — деб жавоб берганди.
— Бировни абгор қилиб яхши яшашдан кўра, бировнинг қарғишига қолмай камбағалликда умр кечирган аъло эмасми? Пайғамбаримиз «камбағаллигим – фахрим» деган эканлар. Эшитмаганмисан?
— Одам ўзини мажбурлаб камбағалликда яшаши шартми? Мен камбағал одамнинг бахтли бўлганини кўрмаганман.
— Унда сен бахтли экансанда, а?
— Менинг ўзимга яраша бахтим бор.
— Ана энди ўзингга келдинг. Сен бахт деб юрган нарса, аслида бахтсизлик, ошнажон. Чунки сен ҳаётинг-да сира ҳам бахт изламадинг. Сен қасос изладинг. Қасос излаб шу бахтсизлигингни топдинг. Болаликда адангни қамоққа олиб кетишаётганда «Мен уларни ўлдираман», деганинг ҳали ҳам қулоғим остида жа-ранглаб турибди.
— Қасос олишим шарт эди. Бошқача яшашим мумкин эмасди.
— Бир донишманднинг гапига қараганда, агар керак бўлса, заҳарни асал, чўчқани тоға, эшакни амаки, дейиш керак экан.
— Эшакни амаки дейдиган доно сенмисан?
— Гапни бошқа ёққа айлантирма. Сенинг яна битта хатоинг – дўзах азобидан қўрқмадинг.
— Дўзах азобидан дейсанми?.. Жалил, ошнам, бошимга тушган балоларни, азобларни бошқалар билмаса ҳам сен яхши биласан. Сен мени дўзах билан қўрқитма. У ерда одам куйса балки куяр, лекин «халқ душманининг боласи» деб афтига тупуришмас, а? Мен кўрган азоблар олдида дўзахинг ҳеч гап эмасдир?
— Дўзах меники эмас... Сен азоб, азоб, дейсан-у, лекин сенга душманларингдан кўра кўпроқ дўст деб юрганларинг зарар етказдилар. Чунки душмандан эҳтиёт бўласан, аммо дўстнинг душманлигидан қутулиш қийин...
— Гапириш осон. Сенинг ҳаётинг бошқа, меники бошқа...
— Сен ҳали шуни ҳаёт деб биласанми?..

Ўшандаги бу суҳбат осойишта тарзда кечган эди. Ўшанда Асадбек қалбида имонга мойиллик уйғонай деганди. Лекин «тун зулмати муваққат, қалб зулмати абадий» деганларидек, Асадбек қалби кўр шўрликлар тоифасидан юлқиниб чиқолмади...

Номус кучлилик қилиб, Асадбек қизига «ўзингни ос», деган мақсадда арқон ташлаб чиққанида фарзанд доғи нима эканини идрок қилолмасди. Балки ўшанда Зайнаб имилламай, ота амрини бажарганида Асадбек ҳозиргидай азоб чекмасмиди, ўзини оқлашга баҳоналар топа олармиди...

Энди ўзини оқлай олмайди.

Айниқса Илико келиб-кетганидан кейин...

Ҳамдардлик билдиргани келган Илико Асадбекнинг аҳволини кўриб, топшириғининг натижасини айтишни лозим кўрмаган эди. Асадбек «илтимосим нима бўлди?» деб икки қайта сўрагач, турмада қон олган ҳамширанинг ким эканини аниқлагани, лекин унинг изсиз йўқолганини айтишга мажбур бўлди. Шунинг ўзиёқ Асадбекдаги гумоннинг тўла ҳақиқатга айланиши учун кифоя бўлди. Оловни олов билан ўчириш мумкин эмаслигини Илико рад этмас эди, аммо қонни қон билан ювиш мумкинмаслигини тан олишни истамасди. Шунга қарамай, у қасос ўтида ёнаётган Асадбекни тўхтатишни хоҳларди. Асадбекка бу он насиҳат кор қилмаслигини билиб бемаслаҳат бир иш бошламай туришни сўради.

Абдулҳамиднинг жанозаси куни ёмғир бир майдалаб ўтганича ҳаво очилиб кетди. Шундан сўнг осмон булутдан ҳоли бўлди.

Кундузлари қуёш порларди.

Лекин Асадбекнинг хонадони зулмат ичра қолаверарди.

Кечалари Асадбек ҳовлиси устидан сузиб ўтувчи Ой чеҳрасида мотам, юлдузлар кўзларида эса алам зоҳир эди.

Одам тафтини одам олишини Асадбек кундузлари ҳис этарди. Тун кирди, дегунча унинг иситмаси кўтарилиб, алахсирай бошларди. Манзурага фарзанд доғи азоби камлик қилиб, эрининг тунги талвасалари минг ғамига яна ғам қўшарди. Манзура қайнонасининг ҳажри қаробатга чидолмай ақлдан озганини эшитган эди. Эрининг кеч кириши билан ўзгариши уни ташвишга солиб, Жалилга айтди. Жалилнинг кўнглидан ҳам «онасига ўхшаб жинни бўлса-я?» деган ташвиш ўтса-да, сир бой бермай «ташвишланма, бу ўткинчи нарса», деб қўйди. Дўстининг ёнида ётиб қолишини айтганида Муҳиддин ота «бўтам баттар қийналадилар», деб шаштидан қайтарди. Ўзи эса Асадбекнинг қоровул бўлиш ҳақидаги таклифини қабул қилган бўлиб, масжидга кўчиб чиқди.

Асадбек ўзига ҳам хайрихоҳлик, ҳам ташвиш билан тикилаётган кўзларни ҳис этиб турарди. Аммо тунги талвасадан қутулишга ўзида куч тополмасди. Қоронғу тушиши ҳамон қорасоч кеча кокиллари билан уни бўға бошларди. Уйга кирди, дегунича бурчакда кўзойнакли илон лунжини шишириб тургандек бўлаверарди. Сукунатдан паноҳ топиш умидидаги Асадбекни шарпалар таъқиб этар, кимдир унинг орқа томонига келиб олиб, «ух» тортаверарди. Аввалига «онамлармикин», деб ўйлади. Кейин боланинг товуши келди.
— Самандар! — деб чақириб, орқасига ўгирилди: ҳеч ким йўқ...

Яна хўрсинди. Яна бола...

Ким бу? Абдулҳамидми? Юраги потраётган Асадбек яна ўгирилди: ҳеч ким йўқ...

Сўнг... кўзойнакли илон ўрнида отасини кўриб, у томон юрди. «Адажон!» деб қучоқлади.
— Менман, тойчоқ, мен келдим, — деди отаси.
— Адажон, сиздан тупроқ иси келяпти.
— Нега ажабланасан? Ахир мен қабрдан чиқиб кел-япман-ку?
— Ада, сиз менга ёғоч чана ясаб қўювдингиз, боламни олиб кетдингиз...
— Болангни олиб кетувчи мен эмасман... — Отаси шундай деб стол устидаги неъматлардан ея бошлади.
— Қорнингиз очдими, ада?
— Очди. Ўлик тўйса — тирик тўяди. Арвоҳларни зиёфат қилмайсанми?
— Албатта, албатта меҳмон қиламиз. Ҳаммани чақиринг. — Асадбек шундай деб очиқ дераза ёнига келиб чақирди: — Манзура, тез кел, адамларни меҳмон қиламиз... Ада, келинингизнинг қўлидан бир пиёла чой ичинг. Невара келинларингизни ҳам чақирайми?..

Бирдан ҳаммаси йўқолди: отаси ҳам, илон ҳам, стол устидаги неъматлар ҳам... Атрофни зулумот босди...

Бомдод азонини эшитиб, кўзларини очди: шийпонда ётибди. Ёнида қайғули кўзларидан ёш тўкаётган Манзура. Асадбек нима воқеа юз берганини идрок этолмай хотинига тикилиб ётди.

Масжид томондан Муҳиддин отанинг товуши эшитилди:
— Ҳайя алал фалах...

Нажотга чорланган Асадбек жойидан жилолмади.

Кун ёришганда Жалил билан Муҳиддин ота кириб келишди.
— Иситманг бор-ку, укахон, — деди Жалил, Асадбек билан кўриша туриб, — шамолладингми, дейман?
— Шунақага ўхшайди, — деди Асадбек.

Кичик хонтахта атрофида нонушта қилишди.
— Жалил, тушимда адамларни кўрибман, — деди Асадбек, дастурхонга фотиҳа ўқилгач.
— Тушида ўлик кўрган, ўнгида тирик кўради. Соғинган одаминг келиб қолади, — деди Жалил.
— Арвоҳларни зиёфат қилиш керак...
— Нима?! Нима дединг? — Жалил «иситма аралаш валдираяптими?» деган маънода Муҳиддин отага қараб олди.
— Шунақа гап бор-ку? — деб изоҳ берди Асадбек.
— Гап бўлса, бу бир бидъат! Нима дедингиз, отахон?
— Ҳа, бўтам, арвоҳларни йўқлаш дуо билан бўлади.
— Мени адам анчадан бери чақирар эдилар, аслида мен кетишим керак эди.
— Бас қил, гўрдан чиқиб, гўрга кирадиган гапларни айтма.
— Ҳа... тўғри айтдинг, гўрга киради...
— Бўтам, Оллоҳга таваккул қилинг, Оллоҳдан нажот сўранг.
— Ҳадеб Оллоҳ, Оллоҳ дейсиз... Оллоҳга сўзингиз ўтса, айтинг, ўғлимни қайтарсин.

Бу гапни эшитган Муҳиддин ота беихтиёр овозини кўтариб «Астағфируллоҳ!» деб юборди. Жалил эса «Воҳ!» деб нидо қилганича — бошқа гапирмасин, деган мақсадда унинг оғзига кафтини қўйди:
— Тавба қил, бунақа аҳмоқ гапни айта кўрма, тавба қил!
— Бўтам, шайтонга бўш келманг, шайтонни енгинг, — деди Муҳиддин ота. — Шайтони мағлуб этишнинг энг осон йўли — масжидга чиқинг. Масжид қурдиришнинг ўзи кифоя эмас, унга кириб, саждага бош қўйинг.

Асадбек дўстининг қўлини четга суриб, Муҳиддин отага қаради. Унинг кўзлари ғалати жавдиради:
— Ота, менинг Худо билан шартномам бор: энди мен унинг уйига қадам босмайман, у меникига кирмайди.

Бу гапдан Муҳиддин ота сесканиб кетди. Жалил эса шапалоқ тортиб юборди. Сўнг елкасидан ушлаб силкиди:
— Тавба қил, аҳмоқ! Дарров тавба қил!

Жалилнинг важоҳатини кўрган Муҳиддин ота ўрнидан туриб, уни ажратди-да, Асадбекнинг елкасини силади.

Бу бош, бу елка неча йиллар мобайнида силовчи бир меҳрибон қўлга муҳтож эди. Ширин сўз нондек арзанда бўлган кезлари ҳақорат эшитди. Отанинг меҳрибон қўллари силаши керак бу бетларга «халқ душмани»нинг ўғли деб тупурилди. Ҳозир силанаётган елка не маломатларни, не ташвиш тоғларини кўтармади. Жалилнинг ўзи баъзан дўстининг бу дунё аламларига дош беришига қойил қолиб, «ўртоғим тупроқдан эмас, темирдан яралган», деб қўярди. Ҳозир ўша таърифни эслаб, «темирлиги рост, юраги ҳам темирга айланиб қолибди», деб афсусланди. Темир юракни эритиш йўлини билолмай ўзининг бошини чангаллаб, тебраниб ўтирди.

Бу манзарани кўриб турган Манзура шийпон томонга бир интилди-ю, қизи билан келинларининг ҳам шу ёққа тикилиб турганларини кўриб, жойида қотди.

Вужудида меҳрибон қўлнинг тафтини сезган Асадбек ота қадрдонининг кўксига бош қўйишни, тўйиб-тўйиб йиғлашни истади. Аммо ёлғизлигида бостириб келувчи йиғи бу сафар унга хиёнат қилди.
— Сабр қилинг, бўтам, тоқатлига тоғлар бош эгаркан. Оллоҳнинг «ей Одам фарзанди, сабрли бўл ва ўзингни паст тут, сени ўзим олий даражага кўтараман», деган ваъдаси бор. Бу кўргулик сиз билан биз учун Олдоҳнинг бир синови.

«Фақат синов эмас, қилган гуноҳлари учун олган мукофоти» деб ўйлади Жалил. Муҳиддин ота эса йиғлоқи болани юпатаётгандай меҳрибонлик билан давом этди:
— Оллоҳ биз, ғофил бандаларга айтадики: «мен бир мўъмин кишини бирон мусибат етказиб имтиҳон қилсам, у менга ҳамд айтиб, менинг имтиҳонимга сабр қилса, гуноҳлардан онаси туққан кунидагидек пок бўлиб туради...» Оллоҳнинг шу марҳаматига етишмоқ сиз билан бизга насиб этган.

Жалил бу гапдан сўнг армон билан бош чайқади-да, ялинди:
— Жон ошна, бир марта «тавба» деб қўйгин...
— Ҳа, бўтам, «астағфируллоҳ» денг...

Улар Абдураҳмон табибникида шифо топаётган Асадбекнинг иймонга киришига ишониб, Яратганга шукрлар айтишган эди. Ундан сал илгарироқ гап талашиб қолишганда Асадбек иймонга даъват этилишига жавобан ярим ҳазил, ярим чин оҳангида «Кўрамиз, сенинг иймонинг кучлимикин ёки менинг шайтоним қудратлироқмикин?» деб жавоб қайтариб, Жалилнинг дилини хуфтон қилган эди. Ўшанда ҳам Жалил тавбага ундаган, бироқ дўсти гапни ҳазилга буриб юборган эди. Бу гап Жалилнинг юрагига қиррали тошча каби ўрнашиб қолиб, гоҳи-гоҳида қўзғолиб азоб берарди. Табибнинг уйида дўстининг руҳи ҳам шифо топаётганини билган ондан бу тошча эрий бошлади. Жалил уни бутунлай эриб битди, деб янглишган экан. Асадбекнинг ҳозирги гапидан сўнг тошча яна қўзғолиб, шайтанатдан диёнатга ўтмоқ осон эмаслигига имон келтирди. Бу сафар қиррали тошча Жалилнинг юрагини қаттиқ тилди. Унинг руҳи қақшагандан қақшади. Агар ошнаси дард исканжасида эзилмаётганида уни дўппослаб қолишдан қайтмасди, хумордан чиқиш учун ҳам дўппосларди.

Агар бу онда Оллоҳнинг каломини мукаммал билувчи олим улар ҳузурларига келиб:
— Сиз шайтон етовидаги шу муҳаббатсиз қалбга ачиняпсизми? Ғафлат уйқусидаги бу банданинг иймон сари юриши алдамчи манзара эди. У Исломдан фақат фойда кўзлади. У иймон йўли билан тижорат йўлини чалкаштириб юборди. Манфаат ва зиён тарозусига қараб юрмоқни ихтиёр этди. Сиз билмайсизмики, Оллоҳ: «Одамлардан Оллоҳга бир томонлама ибодат қиладиганлари ҳам бор. Агар унга яхшилик етса, кўнгли тўлур. Агар унга бало етса, юз ўгириб кетур. У дунёда ҳам, охиратда ҳам зиён кўрур. Ана ўша очиқ-ойдин зиёндир[4]», деганида айнан шу биродаримиз кабиларни назарда тутган, — деса Жалил ҳам, Муҳиддин ота ҳам унга зид гап айтолмаган бўлишарди.

Муҳиддин ота иккинчи марта тавбага даъват этганидан сўнг Асадбек хаёлини жамлаб, айтган гапининг маъносини англади-ю, ўзи ҳам қўрқиб кетиб, тавба калимасини айтмоқни ихтиёр қилди. Бироқ, «Аззз...» деди-ю, у ёғига тили айланмади. Буни сезган Муҳиддин ота уни қувватлади:
— Худойим ўзинг кечир, денг, бўтам.

Асадбек дудуқ бола каби айтди.

Жалил бундан бир оз енгил тортиб, ўртоғига қаради-ю, унинг терга ботганини, оғзида кўпик пайдо бўлганини кўриб қўрқиб кетди. Муҳиддин ота ҳам чўчиб, шошилганича унга дам солди.

XXIV боб

1

Асадбек дастлаб Ҳалимжонни танимади, уни фотиҳага келганлардан, деб ўйлади. Озиб кетган, кўзлари киртайган, юзлари, қўлларига тошган яралар ҳали буткул тузалмаган бу йигитдан «бошингдан қандай савдолар ўтди?» деб сўрашга ҳожат бўлмаса-да, Асадбек:
— Анча мазангни қочиришибди-ку? — деди.
— «Курорт»нинг қанақалигини ўзингиз биласиз-ку?— деди Ҳалимжон, кейин Асадбекнинг «Мен қаёқ-дан биламан, бир-икки марта қамалибмидим?» деган маънодаги қарашига жавобан изоҳ берди: — Терговни бирдан тўхтатиб, жиннихонага ўтказишди. Кейин чиқариб юборишди.
— Сени мен чиқартирмадим, — деди Асадбек.

Ҳалимжон «унда ким?» деб сўрамоқчи бўлди-ю, ботинмади. Унга Асадбекнинг ўзи изоҳ берди:
— Мен бунақа ишларга аралашмайман. Сен қанақа лақмасан, ўзинг? Мол олиб бор, деса индамай кўтариб кетаверасанми?
— Ўйлаб кўришимга ҳам фурсат беришмади, — Ҳалимжон бўлиб ўтган воқеаларни сўзлаб берди. Асадбек унинг гапларини диққат билан эшитса-да, «бу йигит милитсиянинг одамими ё йўқми?» деган гумонини ажрим қилолмади. Ўзининг «одамга бутунлай ишонгандан кўра, ишонмайроқ турилгани маъқул», деган ақидасига амал қилиб, кўп сўраб-суриштирмади. Ҳалимжон ҳикоясини тугатгач, фақат:
— Ҳайдар акангга учрашгандирсан, нима деяпти?— деб сўради.
— Ҳозирча дам ол, — дедилар.
— Тўғри айтибди. Энди кўзингни очиб юр, бола. Уларга ўчакишма. Кўрганларингни хатто хотинингга ҳам айтма. Сени қозонга солиб бир қовуриб, тортиб олишибди. Кейинги сафар қозонда жизғанак бўлиб қолиб кетишинг ҳам мумкин.
— Хизмат бўлса айтаверинг.
— Дамингни ол.

Ҳалимжон Асадбекнинг эҳтиёткор бўлиб қолганини сезди. Гарчи қамоқда барча азобларга чидаб, бировнинг номини тилга олмаган бўлса-да, Кесакполвон ҳам унга ишонқирамай қаради. Ҳалимжон айнан мана шунга тушунмади. Бекорга азоб тортибманда, деган хаёл билан Асадбекнинг уйини тарк этди.

Аср намозини масжидда ўқиган Жалил Муҳиддин ота билан келаётганда дарвозадан чиқиб кетаётган Ҳалимжонга дуч келди. Абгор ҳолатдаги йигитнинг саломига алик олди-ю, орқасидан ажабланиб қаради.

Тунов кунги тавбадан сўнг Асадбек ўзини қўлга ола бошлаган бўлишига қарамай, улар хавотирларидан қутулмаган эдилар. Кунда бир хабар олиш одатларига хилоф қилмай кириб келдилар. Улар ҳол-аҳвол сўрашишга улгурмай дарвозахонада аввал Кесакполвон, сўнг Хонгирей билан Маматбей, кейин Жамшид кўринишди.
— Оббо, калтакессагинг келди-ку, кўзинг учиб турувдими? — деди Жалил. — Кимларни бошлаб келяпти?

Асадбек дарвозахона томон қараб, бир титраб олди. Юзлари учди. Муштумини қисди. Ундаги ўзгаришни Жалил ҳам Муҳиддин ота ҳам сезишди. Шунинг учун Асадбекни меҳмонлар билан ёлғиз қолдиришмади.

Хонгирей келиб, Асадбек билан қучоқлашиб кўришиб, ҳамдардлик билдирди. Асадбек уни шу оннинг ўзида бўғиб ўлдиргиси келди, ҳатто уни бир оз қисди ҳам. Лекин иложсизлигини билиб, Хонгирейнинг ўлим топадиган бахтиёр кунини нарига кўчирди. Хонгирей Асадбекнинг қаттиқроқ қучганини сезди, буни ёмонлик эмас, яхшиликка йўйиб, хушнуд бўлди. Маматбей, унинг изидан Кесакполвон ҳам қучоқлашишди. Кесакполвондан ароқ ҳиди гупуриб, Асадбек юзини четга бурди. Жамшид салом бериб сўрашди-ю, изига чекиниб, уч-тўрт қадам нарида, амрга маҳтал мулозим каби қўл қовуштириб турди.

Хонгирей қадрдонининг бошига тушган кулфатдан ғоят аламда эканини, отаси ўлганида ҳам бунчалик қайғурмагани, вақтида келолмагани учун ҳижолатда эканини айтаётганида Асадбек унинг сўзларини эшитмас, маъносиз боқаётган кўзларини рўпарадаги атиргул ғунчасига қадаб олган эди.

Бировларнинг юрагида илон мудрайди, бировларнинг юрагида шер наъра тортади. Асадбекнинг юрагида эса буларнинг барчаси мужассам: илон уйғонса, шер ҳамлага интилади. Уларни жиловлаш учун Асадбекдан қанчалар куч талаб этилаётганини ўтирганларнинг ҳеч бири хис этолмасди.

Асадбекнинг бахтига меҳмонлар узоқ ўтиришмади. Хонгирей ўрнидан туриб «соғ бўл», деб қўл узатди. Унинг бу тилаги Асадбекнинг қулоғига «йўқ бўл» каби эшитилиб, вужудига титроқ югурди.

Кесакполвон «сизлар ўтираверинглар, ўзим кузатаман», деб меҳмонларни бошлаб кетди. Асадбек орқасига ўгирилаётган Жамшид билан кўз уриштириб олишга улгурди. Бир ҳафта бўлдимикин, Жамшид дараксиз эди. Булар билан бошлашиб кириб келишидан Асадбек бир бало бошланаётганини сезди.

Муҳиддин ота меҳмонларнинг ташрифи мезбонга ёқмаганини сезди. Бош эгганича сукутга берилган Асадбекни турли хаёллар оқимидан тортиш мақсадида сўз қотди:
— Ҳайдар ошнангиз кўп ичаркан, чамаси, а?
— Кўп эмас, тинмай ичади, у ҳароми, — деди Жалил. — Ўтган йили рамазондан олдин «балиқ еб, халқумни тозалаяпман», девди. «Сен Қора денгизнинг барча балиқларини пишириб есанг ҳам ҳалқуминг тоза бўлмайди», дедим.
— Ҳай-ҳай бўтам, бандани бундай ҳақоратламанг.
— Мен уни ҳақоратламадим. Сиз унинг қилиқларини билмайсиз. Агар Абу Жахл тирилиб келиб шу калтакессакка рўпара бўлса, «оламда мендан ўтадиганлар ҳам бор экан-ку», деб кўнгли анча таскин топарди.

Муҳиддин ота «ҳай-ҳай, астағфируллоҳ», деб Асадбекка қараб олди. Жалил бир куни Кесакполвон билан жиғиллаша туриб «сенлар кўп қон тўккансанлар», деганида унинг тиржайганча «қон ёруғлик, акахон», деб жавоб берганини ҳам айтмоқчи бўлди-ю, ошнасига гап ёқмаётганини билиб, индамади.

Асадбек Жалил билан Муҳиддин отанинг гапларига беъетибор эди. Агар хаёли жойида бўлганида «Абу Жахл деганинг ким?» деб сўрар, Жалил эса чала илмини жамлаб, мусулмонларга, хусусан Оллоҳнинг расулига қилинган ёмонликлардан гапириб берармиди...

Улар шом яқинлашганини баҳона қилиб ўринларидан туришди.
— Шомни мачитда ўқиб, ўшанақаси уйимга кетаман. Менда гапинг йўқми? — деб сўради Жалил.
— Самад олиб бориб қўяди, — деди Асадбек.

Жалил одатига кўра «автобусда кетавераман, онам мени машинада туғмаганлар», демоққа оғиз жуфтлади-ю, мавриди эмаслигини фаҳмлаб, «Раҳмат, ошна», деб қўйди.

Асадбек Жамшидни шу кеча келиб қолар, деб кутди. Лекин ундан дарак бўлмади. Эртасига ҳам келмади. Тунларни бедор ўтказиб, вужудининг қақшаб оғришидан хориган Асадбек тонгга яқин мизғиб оларди. Хонгирейнинг ташрифидан сўнг бу ҳам йўққа чиқди. Бу сафар субҳи козибда ҳам, субҳи содиқда ҳам Асадбек бедор эди. Тонг отди, аммо унинг вужудидаги зулматга нур ораламади.

Пешинга яқин Жамшид келди. Асадбек майдалаб сўраб-суриштирмаса ҳам, бир ҳафтага яқин нима учун кўринмаганини тушунтириб берди. Гапни Хонгирейнинг атайин фотиҳа ўқиш учун келмаганидан бошлади.

2

«Полковникнинг юраги касал экан, ўлди», деб Хонгирей навбатдаги ёлғонини ишлатган эди. Полковникнинг ўлиши ёки тирик қолиши ўзи учун аҳамиятсиз бўлгани сабабли Маматбей бу гапнинг чин ёки ёлғонлигини суриштириб кўрмаган ҳам эди. Хонгирейни кутиб олгани чиққанида ёнида полковникни кўриб, «ие, ўлган эди-ку?» деб ажабланмади ҳам. Кесакполвон «Хонгирей аввал фотиҳа ўқигани борар», деган мақсадда «ошнасининг ғоятда қайғуда ўтиргани»ни айтди. Хонгирей мамнун ҳолда Маматбей билан кўз уриштириб олгач:
— Олдин ишни қилайлик. Фотиҳа қочмайди, — дегач, шаҳарда қолмай, йўлга тушишди.

Жамшид уларни Афғон урушидан ўликлари келган аскарлардан бирининг уйига бошлаб борди. Марҳумнинг ота-оналари масковлик азиз меҳмонларни иззат-икром билан кутиб олишди. Полковник «интернатсионал бурчини бажара туриб қаҳрамонона ҳалок бўлган ватан ўғлони орден билан мукофотланганини, тушунмовчилик туфайли орден вақтида топширилмаганини» айтиб уни СССР Мудофаа вазири номидан топширди. Яралари янгиланган ота-она фарзанди юзини силагандай орденни силашди. Улар билишмасдики, Москванинг Арбат деб аталмиш эски кўчасидан бунақанги ордендан истаганчасини сотиб олиш мумкин, гувоҳномасини эса компютер деган беминнат дастёр аслидан ҳам яхшироқ қилиб тайёрлаб берарди.

Орденни топшириш пайтида Маматбей билан Кесакполвон қабристонда эдилар. Изма-из етиб келган одамлари юк машинасидан қабртошни туширишди. Иш шошқич равишда амалга оширилиб, қабр очилиб, темир тобут тешилганини гўрков ҳам сезмай қолди.

Полковник темир тобут миналаштирилмаганига қа-сам ичган бўлса ҳам Маматбей унга яқинлашишга қўрқди. Қабристон дарвозаси ёнидаги чоғроқ хонада гўрковни гапга солиб ўтирди. Оқ мармардан ишланган қабртош тупроқ устига ўрнатилиб, иш бир соатга қолмай якунланди. Ана шундан кейин Маматбей марҳумнинг уйига хабар юборди.

Шу тарзда бошқа қишлоқларга ҳам боришгач, ишнинг зўр даражада уюштирганлари учун Маматбей, Кесакполвон, Жамшид хўжайинларидан олқиш эшитдилар.
— Қабртош ўрнатишни зўр топибманми? — деди Хонгирей, — ўлик бўлишса ҳам улар бизнинг шерикларимиз. Мен шерикларимнинг ўлигини ҳам ҳурмат қиламан.

Иш охирига етгач, Асадбекникига фотиҳага келишди.

Сўнг Маматбейнинг қароргоҳида зиёфат бўлди.

Зиёфатдан кейин Жамшид полковникни меҳмонхонага бошлаб кетди. Полковник у ерда ҳам ароқхўрлигини давом эттирди. Жамшидга уни ташлаб келиш эмас, эрталабгача ёнидан жилмаслик топширилган эди. Ярим кечагача полковникнинг жағи тинмади. Афғондаги ишларини айтиб, мақтаниб, шунинг орасида ўзи билмаган ҳолда темир тобутларга қорадорини қандай маҳорат билан жойлаштирганини ҳам ошкор этиб қўйди.
— Сен ким билан ишлаётганингни биласанми? — деди полковник Жамшиднинг бўйнига қўл ташлаб олиб.— Хонгирей! У ҳақиқий эркак! Селимни билармидинг? У мени лақиллатмоқчи бўлди. Мен эсам унга миналаштирилган тобутни рўпара қилдим. Менга қара, аҳмоққа ўхшайманми, а? Ҳа! Мен ўлжага бир тўда одамнинг ташланишини билардим. Хонгирей мардлик қилди. Селим билан тенг шерикликка келишувдим. Хонгирей ўттиз фоизига кўнди. Менга етмиш фоиз тегади. Тушуняпсанми? Мен энг бой полковник бўламан. Ўша етмиш фоиз ҳисобидан Хонгирей менга Шаховскийдаги уйини берди. Мен сени ўша ёққа бирга олиб кетаман, уйни ювамиз...

Тун яримлаганда Маматбей қўнғироқ қилиб, полковникнинг аҳволи қандайлиги билан қизиқди. Жамшиднинг «ичиб, сайраб ўтирибди», деган жавобини эшитиб амр қилди:
— Зийрак бўлиб тур, мазаси қочса, «тез ёрдам» чақир. Тўртинчи касалхонага олиб борасан.

Орадан бир соат ўтмай, полковник юраги қаттиқ санчаётганини айтгач, Жамшид «тез ёрдам»ни чақирди. Бемор касалхонага етказилганидан сўнг ҳам Жамшид изига қайтмади. Эрталабга яқин врач чиқиб, полковникнинг «узилгани»ни айтгач, Маматбейга қўнғироқ қилди-да, «ўша ердан жилма», деган буйруқ олди...

Жамшид шу воқеаларни Асадбекка батафсил баён қилгач:
— Полковник учун махсус тобут ясатибди. Уни Хонгирейнинг ўзи олиб кетди, — деди. — Назаримда йиғилган қорадориларнинг ярми шу тобутда кетди. Полковникнинг ихтироси ўзининг бошини еди.
— Ярми кетганини қаердан биласан, кўрдингми?— деб сўради Асадбек.
— Кўрмадим, мени бу ишга яқинлаштиришмади. Қаерга яширишганини ҳам билмайман. Хонгирей кетадиган пайтда Маматбейга «қолган ярми учун бошинг билан жавоб берасан», деганини эшитдим.
— Нима учун ҳаммасини олиб кетмади?
— Тобут оғир бўлиб кетармикин?
— Йўқ... ундай эмас... Маматбей шу ерда бўлса, демак, ишнинг чаласи бор.
— Бу ишнинг бир учини Ҳалимга айтайми?
— Нега?
— Агар хитларга хизмат қилиши аниқ бўлса, дарров хабар етказади. Улар Московга дарак беришади. Масковликлар ўликни очиб кўришади.
— Кейин-чи?
— Кейин?.. — Жамшид «билмайман» дегандай елка қисди.
— Кейин Хонгирей сенга ёпишади. Ҳозирча индама...

Асадбек бедор тунда ўйлай-ўйлай, чекиниб хатога йўл қўйганини англаб етган эди. Ҳарна бўлса ҳам ўрнида маҳкам турмагани учун ўзини лаънатлади. Энди пайсалга солмай хужумга ўтишни мўл, қароргоҳини шаҳар марказидан Эски жўвадаги вассажуфтли уйга кўчиришга аҳд қилган эди. Ҳозир ўша аҳдига биноан Жамшидга топшириқ берди: Эски жўвадаги уйни қандай топишни тушунтириб, Тарзанни ёнига олишни буюрди.

3

Элчин аравачада юриб ўзини ўзи эплаб қолгани учун Зайнаб кундузлари онасининг ёнида бўларди. Тунда эса отаси каби қийналиб чиқарди. «Мен ҳаётдан тўйган эдим, жонимни олмадинг. Акам яшаши керак эди, ўлимни юбординг», деб у ҳам Яратганга даъво қиларди. Даъволари тилга кўчмагани сабабли уни тавбага даъват этувчи йўқ эди.

Зайнаб отасининг хоҳишига кўра, пешинга қиймали шўрва қилди. Овқатланиб бўлишгач, Асадбек Абдусамадни чақирди-да, «келинлар уйда сиқилиб ўтираверишмасин, шаҳарни айлантириб кел», деди. Улар кетишгач, Зайнаб онаси билан бирга шийпонни йиғиштирди. Кўрпачаларни қоқиб, қайта солишаётганида Асадбек чиқиб, она-болага «ўтиринглар», деди.
— Кеча кечқурун доктор Худоёр қўнғироқ қилувди, — деди Асадбек Зайнабга қараб.

Манзурага бу маълум эди. Доктор Худоёрнинг нима дейиши мумкинлигини ҳам биларди. Шунинг учун кечадан бери «у киши нима дедилар?» деб сўрашга юраги бетламаётганди. Асадбек эса Манзуранинг сўрашини кутаётганди. Хотинидан садо чиқавермагач, Зайнабга қараб гап бошлаган эди.
— Доктор Худоёр сал хафа бўлиб гапирди.
— Нега? — деди Манзура.
— Сенга нима деб тайинлаганиди? Бир ойда қайтишсин, деганмиди?
— Вой, адаси... — Манзура эътирозини бошлай олмади, Асадбек унинг гапини шарт узди:
— Уларга баҳонанг ўтмайди... Мен Ҳамидни... айтмадим. Шу ҳафта буларни жўнатишга ваъда бердим.
— Шу ҳафта? — эри билан баҳслашишга одатланмаган Манзура чорасизликдан бош эгди.
— Ҳамид ҳам айтувди... Озгина чидагин энди... ўқишлари чала қолмасин.

Кейинги гапни Асадбек ялиниш оҳангида айтиб, Манзуранинг кўнглини баттар вайрон қилди. Асад- бек — Асадбеклигини қилиб, қатъий тарзда хоҳишини баён этганида Манзура ҳам, Зайнаб ҳам эзилишмас эди. Манзура пиқиллай бошлаганидан кейингина аввалги Асадбекнинг овози чиқди:
— Бўлди қил.
— Келин ҳам кетадими?
— Уларнинг ҳам ўқиши бор-ку? Хоҳласанг бирга кета қол.
— Вой... — Манзура «ўғлимнинг арвоҳини чирқиратиб ташлаб кетаманми?» дегандай эрига қаради. Асадбек хотинининг бир қадам нарига жилмаслигини била туриб, бу таклифни айтган эди. Шу сабабли унинг қарашига эътибор бермади.

Абдусамаднинг ҳам, келинларнинг ҳам шаҳар айланадиган кайфиятлари йўқ эди. Оталарининг хоҳишига кўра чиққанлари учун узоқ юришмади. Улар қайтиб келишгач, Зайнаб акасини холи хонага чақириб, адасининг гапларини етказди.
— Сўрашга уялиб юрувдим, яхши бўлибди, — деди Абдусамад.
— Кетишни хоҳлаяпсизми? — деди Зайнаб.
— Ўқишни чала ташлашим керакми?
— Адам билан ойимни шу ҳолда ташлаб кетаверасизми?
— Сен борсан-ку?
— Кетманг.
— Нега?
— Адамни ёлғиз қўйиш мумкинмас.
— Нега?
— «Нега, нега?» деяверасизми?! Тушунмаяпсизми? Ҳамид акам ўзларича касал бўлдиларми?
— Нима деяпсан?
— Ҳамид акамни адамнинг душманлари ўлдиришган...

Абдусамадда ҳам шундай фикр бор, аммо бу гумон аниқ тасдиғини топмагани учун ишонмасликка ҳаракат қиларди. Синглисидан бу ҳақиқатни эшитиб, лол қолди.
— Кимдан эшитдинг?
— Бировдан эшитишим шартми? Мен аниқ биламан. Сиз бош ўғилсиз, қасос олиш керак!
— Зайнаб, сенга нима бўлди, бунақа гапларни гапирма.
— Қасос олмасак, Ҳамид акам гўрида тикка туради.

Зайнабнинг худди отаси каби кескин гапириши Абдусамадга таъсир этди. Синглисига бир нима демоққа қийналди. Сўнг сўз топишга уринди:
— Зайнаб, бунақа демагин. Агар душманларнинг иши бўлса ҳам адам нима қилишни ўзлари биладилар. Бизни бунақа ишларга барибир яқинлаштирмайдилар. Агар аралашишимизни истасалар бизларни ўқитмасдилар. Сен билан мен нимани биламиз? Лимонад тсехлари бор, такси кооперативлари бор. Яна нима? Қолган гапларни миш-мишлар орқали биламиз. Адам бизнинг олдимизда ишдан ҳеч гапирмаганлар. Демак, бизни бош-қа одам бўлишимизни истайдилар.
— Қанақа одам?
— Масалан, олим бўлишимизни...
— Қасос-чи?
— Бу гапни хаёлингдан чиқариб ташла.
— Ҳеч қачон! Агар сиз кетсангиз, ўрнингизга ўзим қоламан!

Зайнаб шундай деб чиқмоқчи эди, Абдусамад йўлини тўсди. Кесакполвон «Асадбекнинг асл қизи», деб янглишмаганди. Юмшоқ кўнгилли Абдусамад синглисининг йўлига ғов бўлолмади.

Абдусамад билан келинлар сафар тадоригини кўришаётганида Зайнаб Жамшидни учратиш ҳаракатида бўлди. Учрашди ҳам. Мақсадини айтди ҳам. Бироқ, Жамшиддан ўзи кутмаган жавобни эшитди:
— Бу эркакларнинг иши. Агар мен ўлсам, менинг ўрнимга сен келасан. Унгача бу гапларни хаёлингдан чиқариб ташла. Бек акамнинг ёнларида мен борман, кўнглингни ҳотиржам қилавер.

Абдусамад ҳам «бу гапни хаёлингдан чиқариб ташла», девди. Зайнаб чорасиз қолди. Аҳдидан отаси огоҳ бўлса, ўзининг уй қамоғига маҳкум этилувини англаб, Жамшиддан «Адамга айтманг», деб илтимос қилди.

XXV боб

1

Ойсанам Эркаеванинг уйига пойлоқчи қўйиш кутилган натижа бермади. Кесакполвон бу уйга бошқа келмади. Асадбекнинг даврасидаги бўлак одамлардан ҳам дарак бўлмади. Шундан сўнг Зоҳид мўлжалидаги иккинчи ишни амалга оширишдан олдин ҳайдовчи Эшпўлатовнинг уйига бориб, унинг хотини билан гаплашди. Аввалига Зоҳид учун янгилик бўлувчи бирон янги гап чиқмади. Олдинги терговчининг баённомасидаги гаплардан нарига ўтмади. Шунда Зоҳид сўради:
— Эрингизни туҳмат билан ўтирибди, деб ўйлайсизми?
— Унда нимага ўтирибдилар?
— Эрингизнинг чиқиб келишини истайсизми?
— Вой, нега хоҳламас эканман? Болаларим «адам қачон чиқадилар?» деб сиқилиб кетишди.
— Унда яхшилаб эсланг: Шокаримов йўқолган кунлари эрингиз уйга вақтида келган экан. Кейин-чи? Кечки пайт уни ҳеч ким чақирмадими?

Хотин ўйланиб туриб:
— Чақирди, — деди.
— Ким чақирди?
— Қайинсинглим, Ойсанам.
— Нега чақирди?
— Билмадим.
— Олдин ҳам чақириб турармиди?
— Ҳа. Машинасиз бир қадам юрмайди. Сал нарсага якшанба куни ҳам чақираверарди. Бояқиш адамиз дам олиш нималигини билмасдилар.
— Ўшанда қайси кийимда бориб-келдилар, эсланг.
— Ишга киядиган кийимлари.

Зоҳиднинг талаби билан хотин ўша кийимларни жавондан олиб кўрсатди. Зоҳид унинг ижозати билан бошқа кийимларини ҳам кўздан кечириб, айримларини текширтириш учун олди. Текшириш натижаси ўша куниёқ маълум бўлди: пиджакнинг енгидаги қон доғи, шимдаги тупроқ қолдиқлари Зоҳидни гумон саҳросидан ҳақиқат водийси томон бошлагандай бўлди. У шош-қич равишда тинтувга рухсатнома олиб, қидирув гуруҳи билан Шокаримовнинг уйига борди. Ертўладаги кавлаб, жасад кўмиб қўйилган жой унинг барча саволларига жавоб берди.

Эрининг ўша куни барвақт келгани, сўнг орада машмаша чиқиб, катта жанжалга айлангани, оқибат мушт ишга тушганини Ойсанам уйда эмас, қамоқнинг сўроқхонасида айтди. «Мен ўзимни ҳимоя қилдим. «Бўғаман», деб ёпишганларида итариб юбордим, йиқилиб, бошлари дазмолнинг учига тегди. Шу билан... жонлари чиқди», деб уввос тортиб йиғлашни бошлади.

Масала ечилгач, неча ой давом этган иш Зоҳидга оддий гапдай бўлиб кўринди. Зариповани озод қилиш ҳақидаги қарорни ёзиб берди. Бир кўнгли қарорни ўзи олиб бориб, бу жабрдийда аёлни кузатиб қўймоқчи ҳам бўлди. Лекин баҳсда енгилганини тан олиб боришни истамади. Бунинг устига республика прокуратурасидан Саид Қодиров йўқлаб қолди.

Зоҳид «Иш»нинг якуни ҳақида ҳисоб берганидан сўнг Саид Қодиров:
— Асадбекларнинг иши янги босқичга киряпти, — деди. — Уларнинг орасидаги одамимиз топилди. Уни наркокурер сифатида Красноярга юборишган экан. Назаримда синаб кўришмоқчи бўлишган. Унинг хабарига қараганда, Асадбек ўзининг энг яқин шеригидан узоқлашган. Орага Москва мафияси аралашган. Демак, иши яна ҳам қийинлашади. Москва жиноий гуруҳининг милитсия билан алоқаси яхшига ўхшайди. Биз бир янги гап топиб у ёққа юборсак, йўқ бўлиб кетиши мумкин. Красноярда бизнинг одамни мол билан қўлга олишган. Лекин унинг уйига текширув келмаган. Биз томонга хабар ҳам берилмаган. Кейин уни қамоқдан чиқаришган. Ҳозир унга иш буюрмай қўйишган.
— Чақириб олиш керакдир?
— Ҳали вақт бор. Асадбекнинг «Кесакполвон» лақабли шериги Москва гуруҳи билан қорадори бўйича катта иш бошлаганга ўхшайди. Асадбек четда эмиш. Нега? Шуни аниқлаш керак. Яна бир гап: Миродил деган одамнинг хотини бизга мурожаат қилди: эри йўқмиш. Маҳмуд Эҳсоновнинг жанозасидан кейин йўқолган. «КамАЗ»дан тушган одам ўшанга ўхшайди: паст бўйли, калласи катта. Лақаби ҳам шунга яраша — Хумкалла.
— Тинчитиб юборишганми?
— Шунақага ўхшайди. Бу ишлар бўйича маълумот юқори идорага қадар етиб борди. Янги каттамиз бу масалада жуда қаттиқ талаб қиляпти. Биз сизни бу ёққа ишга чақириш маслаҳатини пишириб қўйдик. Асадбеклар доирасига боғлиқ ёпилган ҳамма ишлар қайта қўзғотилади. Нима дейсиз?

Зоҳид янги раҳбарнинг талаблари ҳақида маёр Солиев айтган гапларни эслаб, «демак, асосий ишлар энди бошланади», деб қўйди.
— Нега ўйланиб қолдингиз? Таклиф ёқмадими? Ё Қўрқяпсизми?
— Қўрқяпман. Шу ишнинг чала қолишидан қўрқяпман.
— Энди бундан қўрқманг. Вақтинча, алдовчи чекиниш тугади.

Саид Қодировнинг бу гапидан Зоҳиднинг кўнгли яйраб:
— Қаҳва ичмаймизми? — деб сўради.
— Ҳа, албатта, энди ақлни пешлаб олиш керак.

Икки кундан сўнг Зоҳид Саид Қодировнинг ёнидаги хонадан жой олди. Уларга ҳаракатнинг асосий йўналишини ўн кун ичида ишлаб чиқиш топширилди. Улар гуруҳнинг жиноятларини бир-бир баён қилиб беришлари мумкин эди. Аммо уларнинг зиммасида буни исбот этиш, гуруҳнинг барча аъзоларини жиноят устида қўлга олиш вазифаси турарди.

У дамда Зоҳид ўзининг бу уринишдаги биринчи қурбон бўлишини билмас эди.

2

Зоҳид иш жойини ўзгартирган куни Асадбек ўғли, келинлари билан Москвага қараб учди. Унинг қароридан Кесакполвон Хонгирейни огоҳ этиб, «Жамшид бирга келсин», деган топшириқни олди. Жамшиднинг шаҳарда Тарзан билан қиладиган ишлари бор эди. Шунинг учун Асадбек унинг ўзига хамроҳ бўлишини нохушлик билан қабул этди.

Москвада уларни Иликонинг ўзи кутиб олиб, икки кундан сўнг Абдусамад билан келинлари ўзи кузатди.

Кузатадиган куни эрталабдан Асадбекнинг кўнгли ғаш бўлди. Назарида фарзандини, келинларини сўнгги марта кўраётгандай эди. «Шереметево-2»га етиб боришганда болалари текширувдан ўтаётган экан. Ўғлини бағрига босиб ўпганида, келинлари Оврупо одатига кўра унинг ёноғидан ўпишганда, айниқса Муштарий йиғидан овунолмаган ҳолда аста-аста узоқлашаётганида ундаги ғашлик аланга олди. Чап кўкрагидан бир нима узилгандай бўлди. У ҳатто «юрагим ҳозир ёрилади, бу айрилиққа чидай олмайди», деб ўйлади. Юраги ёрилиб ўлганларни кўп эшитган: аввал кўз олди қо-ронғулашади, нафаси қайтади, кейин чап курагида қаттиқ оғриқ сезади... Асадбек айнан шундай бўлишини истади. Ҳаммасидан биратўла қутулгиси келди. Лекин кўз олди қоронғулашмади, нафаси қайтмади, курагида оғриқ сезмади. Фақат бўғзига бир нима тиқилиб, йиғлагиси келди. Кўзларидан ёш оққанини ўзи ҳам сезмади.

Учоқ учиб кетганидан сўнг ҳам Асадбек изига қайт-гиси келмай турди. Илико шу ердаги ресторанда жой тайёрлигини айтгач, унга ноилож эргашди.

Илико «уларнинг парвози бехатар бўлсин», деб қадаҳ кўтаргач, бўғзида қадалиб турган нарсадан қутулиш учун ҳам ичди. Ароқ томоғини куйдириб ўтди-ю, аммо қадалиб турган нарса йўқолмади.

Жамшиднинг соатга қараб олганини сезган Илико:
— Ишинг бўлса боравер, Бекни ўзим кузатиб қўяман, — деди.

Жамшид «ижозатми?» дегандай хожасига қаради. Асад-бек уни Хонгирей чақиртирганини биларди. Шу сабабли кўз қараши билан «боравер», деб рухсат берди.

Илико бобосининг сўнгги дамларини, Суликони кўп эслаганини айта туриб:
— Сени ҳам кўп ёдга олдилар, — деди.

Асадбек чолнинг армонларини хаёлига келтириб:
— Бобонг сенга насиҳат қилиб қўйишимни истагандилар, — деди.
— Қанақа насиҳат?
— Бобонг сени йўлингдан қайтишингни, бошқача яшашингни хоҳлардилар.
— Буни биламан... ўзимга ҳам айтганлар. Энди ор-қага қайтиш йўқ. Орқада фақат ўлим бор. Энди ўйиндан чиқиш мумкинмас, бу ўзингга ҳам маълум.
— Олдинда ҳам ўлим бор, — деди Асадбек ўйчан тарзда.
— Тўғри айтдинг. Истаймизми, истамаймизми, энди икки ўлим оралиғида «лезгинка»га ўйнайверамиз.
— Мен унгача озгина бўлса ҳам одамга ўхшаб яшаб олмоқчиман. Менинг ошнам бор. Бир куни «сен бахт излаб умр кечирмадинг, қасос деб яшадинг», деб таъна қилди менга. Умуман у тўғри айтди. Энди мен учун битта қасос қолди. Кейин бахт излаб кўрсаммикин? — Асадбек шундай деб аянчли кулимсиради.

Илико сигарет тутатиб, тутундан нимадир ўқигандай тикилди.
— Йўқ, — деди у. — Энди кечикдинг, Бек. Бизнинг бахтимиз — зўр бир душманнинг қўлидан ўлим то-пиш.
— Бахтга кечикдим... — деди Асадбек хўрсиниб, — Қасосга кечикмасам бас.
— Қасосинг — Хонгирейми?
— Ҳа. Яна бир киши.
— Шошилма. Хонгирейни менга қўйиб берасан. Унга энг аввал мен ҳақлиман. Иш пишяпти. Яқинда у ўлим фариштаси билан ўпишади. Сен менга ҳалақит бермай тур.
— Йўқ, Илико, сен менга ҳалақит берма. Сендан кўра мен икки, йўқ, уч карра ҳақлиман. Ўртада сен учун аканг бор, холос. Менинг эса дўстим билан ўғлим бор. Яна тутинган укам ҳам бор.
— Сен нимага қасд қилаётганингни билмаяпсан. Бу ерда Хонгирейни чивин чақиши ҳам қийин.
— Шунинг учун у биз томонга бориши керак. Яқинда борганида ғафлатда эдим. У яна бир боради.
— Мен бехабар қолмай.

Иликонинг кузатувида «Домодедово»га келган Асадбек Жамшидни кутиб, ҳатто кейинги учоқда учмоқчи ҳам бўлди. Лекин Илико бунга кўнмади.

Жамшид икки кундан сўнг қайтиб, ушланиб қолиши сабабини айтди.

Жамшидни йўқлаган Хонгирей олдинда катта ишлар турганлигидан гапириб, Кесакполвондан кўнгли тўлмаётганини билдирди:
— У бир меров, лақма экан. Бек аканг қандай қилиб уни ёнида олиб юрибди?

Жамшид «билмайман» дегандай елка қисди.
— Мен унинг ўрнида сени кўрмоқчиман, — деди Хонгирей ўткир кўзини унга қадаб.

Жамшид бу кутилмаган гапдан ноқулай аҳволга тушиб, ундан нигоҳини олиб қочди.
— Менинг устозим Зелихон оға одам танлашни биларди. Сени менга бекорга тавсия этмаган. Сен ноз қилиб ўзингни у ён-бу ён ташламагину, Бекнинг ўрнига тайёрлан. Бек сени ўлдирмоқчи эди. Истасанг уни ўлдиришинг мумкин. Мен уни сенга совға қилдим.

Хонгирей бу мақтовлардан сўнг Жамшидга бўлажак вазифани тушунтирди:
— Кеча Москвага полшалик талабалар келишди. Комсомолнинг «Спутник» деган сайёҳлик хизмати бор, биласанми? Полшаликлар шуларнинг таклифи билан келишган. Эртадан кейин улар сенинг юртингга учишади. Уларнинг орасида краковлик бир йигит бор. Сен Краковда бўлганмисан?
— Йўқ.
— Адашма, бўлгансан, эсингдан чиқдими? Ахир «юксак аскарлик бурчингни» Краков яқинидаги Совет қўшинлари сафида ўтагансан-ку?

Жамшид Хонгирейнинг нима демоқчи эканини анг-лаб, «давом этаверинг, мақсадингизни тушуняпман», деб қараб тураверди.
— Полшаликлар «Юност» меҳмонхонасига жойлашишган. Сенинг хонанг ўша краковлик йигитнинг рўпарасида. Йигитнинг исми — Валдемар Вилчек.

Хонгирей шундай деб унга сурат кўрсатди. Кейин «Краков» деган суратли китобни қўлига тутқазди.
— Кечгача кўриб, ўқиб, сув қилиб ичиб юбор. Кечқурун у билан ресторанда танишасан. Қолган топшириқни Маматбейдан вақти келганда оласан,— деди Хонгирей.

Хонгирейнинг топшириғини, Валдемар билан танишиб келганини баён қилиб бўлгач, Жамшид «Энди нима қиламиз?» дегандай Асадбекка қаради.

Жамшид «Краков» деган сўзни тилга олганидаёқ Асадбек Хонгирейнинг Краковга бориши ҳақидаги гапини эслади. Отасининг васияти, амакисининг Краков учун бўлган жангларда халок бўлганини Жамшиднинг шу шаҳар яқинида хизмат қилгани билан бир нарса эканини тушунди. Хонгирейнинг мақсадини фаҳмлагандай ҳам бўлди:
— Полковникнинг ўлимини тўртинчи касалхонада тобутга жойлашганмиди? — Асадбек шундай савол берди-ю, жавоб кутмай, ўйланди: «Полковник яшаган меҳмонхонадан бу касалхона узоқ. Ёшларнинг меҳмонхонаси эса жуда яқин... Краковлик бола ҳам шу ерга тушмасмикин?..»
— Маматбей нима қилишни айтмадими?
— Йўқ ҳали.
— Болани балки полковник сингари меҳмон қиларсан?
— Йўғ-э?
— Молнинг ярми шу ерда-ку? Сен тўртинчи касалхонага бор. Ўликни ёрган одамни топ. Сиқувга ол. Аммо қочириб юборма, бизга ҳам бир хизмат қилиб бериши мумкин. Агар мен Хонгирейнинг ўрнида бўлганимда қорадорини чет элга Масков орқали юбормас эдим. Чегарадан катта молни олиб ўтиш осонмас. Масковга олиб кетган молни ўша атрофда пуллайди. Чет эл билан аҳди бўлса — энг осон йўл шу. Божхонада ўлик титиб кўрилмайди. Сен Тарзанга тайинла. Йигитларни хитлатиб қўймасдан Ҳайдар акангни кузатсин.

Асадбекнинг тахмини тўғри чиққанини Жамшид полшаликлар Урганчдан қайтишганда билди. Маматбей Краковлик йигитни яхшилаб меҳмон қилишни топшириб, қўлига ихчам елим халтачада кукун берди. Жамшиднинг вазифаси шу кукунни мусалласга солиш эди халос. Полковникни кузатиб боргандай бориши, кутиб ўтириши лозим эмасди. Кечаси қорнида кучли оғриқ турган меҳмонни «Тез ёрдам» энг яқин жойга — тўртинчи касалхонага олиб бормоғи муқаррар эди.

3

Жамшид полшалик меҳмонлар билан учган куннинг индинига Хонгирей хос йигитлари билан бирга Варшавага, автомобил сафарига йўл олди. У ҳаммасини аниқ ҳисоблаб чиққан эди. Полшаликлар Урганч саёҳатидан қайтишиб, Жамшид Валдемарни меҳмон қилаётганида Хонгирейнинг машинаси Брест чегара постидан ўтган эди. Унинг мўлжалича, Полша ерларида сайру-саёҳат қилиб Краковга келгунича Валдемарнинг жасади солинган тобут Краковга келтирилиб, марҳум ерга топширилиши керак эди.

Хонгирейнинг режасидан бехабар пан Любомирский меҳмонларни қароргоҳида кутиб олиб, зиёфат қилгач, олиб келинган қорадорининг миқдори билан қизиқди.
— Сиз айтгандан кўра кўпроқ, — деди Хонгирей унга айёрлик билан боқиб.

Сўнг молнинг қаердалигини айтди. Бу янгилик кўпни кўрган панни ҳам таажжубга солди. Ўликнинг қорнига қорадори тиқиш ҳатто унга ҳам вахшийлик бўлиб туюлиб, қошларини сал чимирди.
— У ҳолда бериладиган пулнинг ўн фоизини чегириб қоламиз, — деди у.

Кашфиёти учун пандан олқиш эшитишни ният қилган Хонгирей унинг бу гапидан ажабланди:
— Нега энди? Аҳдни бузасизми?
— Аҳд бузилмайди. Биз бир полшалик йигитни ўлдиришга аҳдлашмаган эдик. Ўн фоиз марҳумнинг оиласига берилади.
— Уни биз ўлдирмадик. Кўп мева еб, заҳарланган.
— Ёш йигитлар бекорга заҳарланишмайди.

Хонгирей қовоғи солиқ паннинг бир сўзли эканини билиб:
— Хўп, унда беш фоизини берамиз, — деди.
— Мен савдолашмайман, — деди пан кескин тарзда. — Пулни сиз бермайсиз, биз оламиз.

Ортиқча эътирозга ўрин қолмади. Кеч кириши билан йўлга отланишди. Пан Любомирский Хонгирейнинг йигитларидан қуролларни олдириб қўйиб, уларни қароргоҳда қолдирди. Ўзи ҳам қабристонга бормади. Хонгирей унинг ёрдамчилари билан қабристонга бориб тобутнинг чиқариб олинишини, очилишини ўзи кузатди. Жасаднинг эгнидаги кийим ечилиши билан ёрилган қоринни тиккан ипларга қаради. Иплар келишилгандек зарҳал эди. Тугунлари ҳам белгиланганча эди. Хонгирей «демак, йўлда очишмабди», деб енгил тин олди. Бироқ, мурданинг қорни очилиб, қорадори ўралган тугунча кўринмагач, кўз олди қоронғулашди. Пан Любмирскийнинг ёрдамчиси «нега алдадинг?» ёки «сенга ким панд берди?» деб сўраб ўтирмади. Йигитларига имо қилиши билан Хонгирейнинг қўллари орқасига қайрилиб, кишан урилди.

Пан Любомирский ҳам «нега ундай бўлди?» деб суриштирмади.
— Сен билан иш пишмаслигини сезган эдим. Гамлет ҳадеб мақтагани учун ишонибман. Сен катта иш қилолмас экансан. Ўзингнинг бу ёққа келишинг, сенинг энг катта аҳмоқлигинг. Режангнинг нима учун амалга ошмагани билан менинг ишим йўқ. Бу сенинг масаланг. Бундан бу ёғига сен Лвовга ҳам яқинлашмайсан. Ўлган йигитнинг хунини эса барибир тўлайсан. Йигирма кило дорининг ҳисобидан берасан. Пул келгунча йигитларинг шу ерда туришади. Бир ҳафта ичида пул келмаса, буларнинг ўликларини олиб кетасан. Ҳа, олиб кетасан. Бу ерга кўмдирмайман уларни.

Катта бойлик ҳавасида йўлга чиққан Хонгирей орқасидан тепки еб хорланган ит каби Москвага қайт-ди-ю, Кесакполвонни чақиртирди.Хонгирейнинг режасини ўзича тўғри ўқиган Асадбек айнан шу ерда янглишди: Хонгирей нима гап бўлганини суриштириш учун ўзи келмай, айбдорларни чақиртиришни маъқул кўрди.

4

Москвага шошқич чақиртирилганларининг боисини Маматбей ҳам, Кесакполвон, Жамшид ҳам билишмас эди. Хонгирей уларнинг ҳар бири билан алоҳида, алоҳида гаплашди. Унга қадар Кесакполвон ҳам, Жамшид ҳам зиндон каби қоп-қоронғу ва зах ертўлада маҳбус каби сақландилар.

Жамшид ўз вазифасини бехато бажарган эди. У полшаликнинг вафотидан кейинги бўлажак воқеалардан бехабар эди. Кейинги ишлардан фақат Маматбей билан Кесакполвонгина хабардор эди. Шунинг учун Жамшиднинг боши устидаги гумон булути тарқалиб, Кесакполвон томонда қуюқлашди.

Полковникнинг тобути ёнида ҳам, краковликникида ҳам Кесакполвон турган эди. У тобут қопқоғини маҳкам михлатиб, қотириб кетганди. Кетиши билан Тарзаннинг келиши, тобут очилиб, қорадори олиниши, марҳумнинг қорни аввалгидай тикиб қўйилишини у етти ухлаб, бир тушида кўрмаган эди. Масалага қоринни ёрган дўхтир ойдинлик киритиши мумкин эди. Аммо Хонгирей Кесакполвонга бундай имконият бермади. Жамшид билан қайтган Маматбей ўша одамни қидирди. Бироқ, тополмади.

Хонгирей «Асадбекка совға», деб бир қути бериб юборган эди. Жамшид унда нима борлигини тахминан билганлиги учун кўрсатгиси келмади. Лекин совға олиб келганини билдирди.
— Кўрсат,— деб талаб қилди Асадбек.

Жамшид уни уйга олиб киришни истамади. Асадбек кўчага чиққач, машина юкхонасини очиб, қути боғланган шойи тасмани ечди.

Жамшиднинг тахмини тўғри эди — қутида Кесакполвоннинг калласи ётарди. Асадбек унга узоқ тикилмади. Бир пайтлар унинг юзига тупурган лаблар гўё алам билан қимтилган эди. Чақчайиб қолган кўзлар эса гўё «Мен ўлмаганман, тирикман, мен ўлмайман» дея-ётгандай эди. Асадбек бу ўлик башарага тупургиси, тупуриб хумордан чиққиси келди. Бироқ ўзини тутди. Қутининг қопқоғини ёпди-да:
— Кўмдириб қўй, — деди.
— Қаерга? — деб сўради Жамшид.
— Малла гўрковга айт, Ҳосилнинг гўрига қўйсин.

Жамшид машинага ўтираётганида Асадбек уни тўх-татди:
— Маллага тайинла, кўзларини юмдириб, кейин қўйсин.

Гўрков харчанд уринмасин, қотиб қолган мижжалар юмилмади. Шундан сўнг у очиқ кўзлар устига бир ҳовуч тупроқ тўкди-да, лаҳад устидан тупроқ тортди.

Бу дунёга сиғишмай, талашган икки одам бир лаҳадда жам бўлишди...

Бир ҳафтадан сўнг почтачи Асадбекникига қалин хатжилд ташлаб кетди. Асадбек бировга хат ҳам ёзмасди, мактуб ҳам олмасди. Шунинг учун ажабланиб, жилд-ни очди. Ундан газета чиқди. Ярим бетга яқин жойни эгаллаган мақола ўртасида Хонгирейнинг расми бор эди. Йўғон ҳарфлар билан «ХХ аср: Гирей хоннинг ҳожатхонада ўлдирилиши» деб сарлавҳа қўйилган мақола «Ўтган куни Москвада «Хонгирей» номи билан машҳур қонундаги ўғри ҳожатхонада чавақлаб ташланди...» деган сатрлар билан бошланарди.

Асадбек мақолани охиригача ўқимади.

Илико уни доғда қолдиргани учун армон билан хўрсинди.

Хонгирейнинг ўлимини эшитган Илико ҳам шундай армон билан хўрсинганда, Хонгирейни томсклик Балабуханинг йигитлари ўлдириб кетишганидан у бехабар эди.

Асадбек уйга сиғмай, кўчага чиқди.

Нима учундир кўча гавжум эди.

Асадбек нима учундир одамлар оқимига қарши юриб борарди...

Бу воқеадан бир йил ўтиб, Ўзбекистоннинг покиза осмонида озодлик байроғи ҳилпиради...

Айтар Сўзимизнинг Интиҳоси

Васл тугаб, фироққа етишилди.

Узоқ йиллар мобайнида беҳисоб сатрлар орқали танишганимиз яхши-ёмон одамлар билан хайрлашиш фурсати етди.

Ҳазрат Навоий «Муншаот»ларида «Машаққат эса ибтидоси анинг, мурод ўлғуси интиҳоси анинг», деб ёзмиш эканлар.

Оллоҳ барчаларимизни машаққат саҳросидан кечиб ўтиб, муродга етишганлардан қилсин.

Дастлабки сатрларни битишдан олдин Яратганга муножот этиб, баёнларимда Ҳақ йўлдан тойдирмаслигини тилаган эдим, яна илтижо этаман: Ё, Раб, бизларни, то қиёматга қадар зурриёдларимизни ҳам адашганлардан қилмагин.

Тангри таолога беҳисоб-беҳисоб ва яна беҳисоб шукроналаримиз бўлсинким, ўзининг мадади ила шунингдек, Сиз азиз китобхонларнинг дуолари туфайли мўлжалимиздаги яна бир баён ниҳоясига етди. Тангри тилагимизни раво айлаб, ажойиб бир бахт бағишлади. Бундайин бахт сиз азизларга, хусусан, ҳамасрларимизга ҳам насиб этсин! Эндиги тилагимиз: бажарган ишимиз хайрли бўлғай. Омийн я Раббил-оламийн. Шубҳасизки, бу баёнларда қаламнинг ожизлиги сабабли йўл қўйилган хатолар ҳам учрар. Бунинг учун тавбалар қилганимиз баробаринда Сиз, азизлардан узр сўраймиз.

Яна ҳазрат Навоий дебдиларким:

Интиҳоси ишқнинг ҳижрон эмиш, эй аҳли ишқ,
Васл даврони аро мағрур бўлманг асру ҳам.

Бизнинг баёнимиздаги кўп одамлар дунё васлига мағрур бўлиб, оқибатда аламга банди бўлдилар. Улар Яратганнинг огоҳлантиришини эшитмаслик учун қулоқларига гўё қўрғошин қуйдилар. Раҳмоннинг эслатмаларини ўқимаслик учун гўё кўзларига нил тортиб, кўр бўлиб олдилар. Бу дунёда қул бўлишга арзийдиган матоҳнинг ўзи йўқлигини фаҳмламадилар. Оқибат, Оллоҳ ўзининг ваъдасига кўра, уларга шайтонларни ҳамроҳ қилиб қўйди. Шайтон уларни тўғри йўлдан тўсди. Қачонки қиёмат чинқириғи янграб, бундайлар Оллоҳнинг ҳузурига боришгач, афсус чекадилар ва умрлари бўйи жонажон ҳамроҳ бўлган шайтон алайҳилаънага қараб «Қани эди, мен билан сенинг орамиздаги масофа мағриб ва машриқчалик узоқ бўлса. Сен энг ёмон ҳамроҳсан»[5], дер эканлар.

Оллоҳ ҳеч қайсимизни — ўзимизни, зурриёдларимизни, қавму қариндошларимизни, биродарларимизни, таниш-билишларимизни бундайлардан қилмасин, иншаоллоҳ!

Барча, барчага, ҳатто ўзимизга душман деб билган кимсаларга ҳам ҳидоят берсин.

Барчага ҳидоят насиб этса бу дунё қанчалар гўзал бўлар эди, валлоҳи аълам!

III- qism
 
Keyingi



  1. Московский уголовний розиск — жиноятга доир қидирув бўлими.
  2. Москвадаги ресторан номи.
  3. Маъноси будир: «Биз барчамиз Оллоҳникимиз ва унга қайтгучимиздир.
  4. «Ҳаж» сурасининг 11-оятидан маъно таржима. («Тафсири ҳилол»-дан)
  5. Зуҳруф сурасининг 39-оятидан маъно таржима.