OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

5 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифТоҳир Малик
Асар номиСўнгги ўқ (I- қисм)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Тоҳир Малик
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Қиссалар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм350KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2011/07/22
Манбаhttp://forum.ziyouz.com/ind...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Сўнгги ўқ (I- қисм)
Тоҳир Малик

Жаҳонгир Зокирхўжани ҳар эслаганида «мусофирликда олтин топиш осон, жон таслим қилиш қийин», деб қўярди. Аслида бу Зокирхўжанинг гапи. Танаси кафан кўрмаган, лаҳад кўрмаган муслимнинг гапи. Қулоғига Оллоҳ номи билан азон айтилган, «Оллоҳ» деб тили чиққан, умри бўйи тоат-ибодатда бўлган муслим жанозасиз кетди. Инсон боласининг бошига турли кулфатлар тушиши мумкин. Бу дунё азобларини беҳад кўп тотиши мумкин. Лекин Жаҳонгирнинг назарида, кулфатларнинг энг бешафқати ўша Зокирхўжага насиб этди. «Бир ҳовуч она тупроққа зор бўлиб кўз юмишни ҳеч бир андага насиб этмасин.» Бу ҳам Зокирхўбанинг гапи...

«
Ноҳақлик, туҳматлар жабрини кўп тортган, аммо виждонига хиёнат қилмаган табаррук инсон, тоғам Мирзакалон Исмоилийнинг покиза руҳига холис ният ила бахшида этдим.
»

Муқаддима

«Бисмиллоҳир Роҳманир Роҳийм!».

У шундай деб милтиқ қўндоғини елкасига тираб, баргга қараб олди.

Кузнинг совуқ нафасида титраб-қақшаб турган япроқлар қитдай шабадага ҳам тоб беролмай чирт узиладиган аҳволга келган. Ёмғирдан олдинроқ узилиб хазонга айланган барглар эса чиришга юз тутган. Бугунгилари ҳам, агар шамол учириб кетмаса, ўз дарахтининг пойида чирийди.

Кун оғиб шабада эсмай қўйган. Дайдидарадаги дўнгликда — танҳо савлат тўкиб турувчи чинорнинг энг пастки шохидаги барг узилгани ҳамон милтиқ отилади: кимдир — иккисидан бири қулаши керак...

Бир ёнига сал қийшайиб турган йигит, гарчи ягона баргга тикилиб қолган бўлса ҳам уни кўрмайди. Укаси билан отишишга шартлашиб, қўлига милтиқ олгач, титраб турган барг ўлим хабарчисидай туюлиб, кўз олди хиралашган. Энди у фақат Худодан нажот кутади.

«Падаркушлигим рост бўлса, Худо аввал кўзимни кўр қилади. Баргнинг узилганини кўрмай қоламан. Жаҳоннинг қаҳри қаттиқ. У аямайди... Барг қани? Нимага кўрмаяпман? Худо жонимни укамнинг қўлига топширдими? Пешонамга ёзилгани шуми?»
— Жаҳон... Жаҳонгир!
— Нима дейсиз? — Жаҳонгир баргдан бир зумгина кўзини олиб, акасига қаради.
— Улушим кўмилган ерни айтайми?
— Керак эмас.
— Жаҳон!
— Баргга қаранг!..

«Талвасага тушиб қолдилар. Ўлим ҳақлигини сездилармикан? Тепада Худо ким ҳақ, ким ноҳақлигини кўриб турибди. Агар отамни била туриб атайин ўлдирган бўлсалар, омон қолмайдилар. Худо жазосини беради. Аммо жазосини менинг қўлларим билан беришига қандай чидайман кейин! Отамнинг қабри совимай туриб, акамдан ҳам айрилсам, кимга суянаман? Акамнинг қазосини қўлимга топшириб қўйиб Худо мени ҳам жазоламоқчи эмасмикин? Нима учун? Қайси гуноҳларим эвазига менга буни раво кўрмоқчи? «Сен ўлдирдинг-у, бунинг мукофотига сени маҳв этдилар. Энди қотилингнинг жонини қаерда олишар экан...» Машойихлардан қолган бу сўзлар наҳот чинга айланса? Отамни акам ўлдирди. Мен акамни... Менинг жоним кимнинг қўлида? Барг қимирламаяпти. Бармоқларим қотиб қолай деяпи. Қанча кутамиз? Балки барг эртага ҳам узилмас? Балки қиши билан қолиб кетар? Ахир ҳамма барглар ҳам узилиб тушавермайди-ку? Акам баргга қараяптиларми?»

Жаҳонгир акасига кўз қирини ташлади. Оламгир милтиғининг оғзини ерга қаратганча укасига маъносиз тикилиб турарди.
— Ака, баргга қаранг!

Жаҳонгирнинг овози тошларга урилмай, ёмғир сувига тўйган ерга сингиб кетган бўлса-да, Оламгирнинг назарида акс-садо бергандай туюлиб, сесканди. Укасининг кетма-кет огоҳлантиришлари кўнглига оғир ботди. Милтиқнинг оғзини унга тўғрилади.
— Менинг ташвишимни чекмай қўявер.

Оламгир баргга қаради: титраб турибди. «Узилса узила қолмайдими? Падарига лаънат!»

Оламгир аламини ўша жонсиз баргдан олмоқчи бўлди. У дастлаб укасининг гапларига эътиборсиз қараган эди. Ҳеч замонда ака-ука Худонинг номини ўртага қўйиб, бир-бирига милтиқ ўқталиб турадими?

Худо шоҳид, Оламгир отасига беихтиёр ўқ узди.

Ярим кеча эди. Уйқуси ўчиб ҳовлига қаради. Боғ томонда шарпа кўриб, милтиқни олиб чиқди. Боққа кирди. Шарпа тут томонга юрди. Тут томонга! Оламгирнинг улуши ўша ерга кўмилган. Буни фақат ўзию отаси билади. Жаҳонгирнинг улуши эса бошқа ерга кўмилган. Бу фақат отасигаю Жаҳонгирга маълум. Отаси ўзининг ҳақини ҳам чегириб олиб қолган. Шуни шўро одамларига бериб, уларнинг даъволаридан қутулмоқчи. Қолган умрини осойишталикда ўтказмоқчи. Қайсар чол! Хорижга ўтишга қаршилик билдиряпти...

Шарпа тут олдида ивирсиб қолди. Оламгирнинг хаёлига келган ягона фикр шу бўлди: ўғри! Кўз олдига хумча тўла тилла тангаю зеб-зийнат келди. Бошқа ҳеч нима кўринмай қолди. «Ўғри... ўғри... Ҳеч вақосиз қоляпсан, Оламгир!» деган овоз қулоғидан кириб, юрагини зириллатиб, товонидан чиққандай бўлди. Жонҳолатда тепкини босиб юборди. Отаси эканини қайдан билибди? Укаси эса «Хорижга йўл бермаганлари учун атайин отгансиз», дейди. Жаҳонгирга ўхшаган қайсар одам уларнинг етти пуштида бўлмагандир. Табиатан қув, иродаси беқарор бўлган Оламгир эса, ўжарликнинг, жасурликнинг афзалликларини баҳолай олмас ҳам эди.

Отаси камгап одам эди. Гапдан кўра ишни маъқул кўрарди. Бомдоддан шомга қадар даладан бери келмасди. Жаҳонгир отасининг қарол ёллаб ишлатганини билмайди. Зафарбек ислом йўлида қилич яланғочлаганда ҳам отаси қишлоқни ташлаб кетмади. «Мен деҳқонман, мен одамларни боқишим керак. Оллоҳ менинг зиммамга шу юмушни юклаган. Ердан юз ўгирсам, Оллоҳ мендан юз ўгиради. Қилич чопиш, милтиқ отишдан, одам боласи қонини тўкишдан Парвардигорнинг ўзи асрасин», деб дангал айтди. Атроф қишлоқларни тиз чўктира олган Зафарбек Муҳаммадризога тегмади. Аксинча, дўппи тор келганда йиққан-терганини унга ишонди. Омонатга хиёнат қилмасин, деб Муҳаммадризонинг ўзига улуш сифатида зеб-зийнатлар, тилла тангалар қолдирди. Муҳаммадризо буларни бешга бўлиб тўрт қисмини ўғил-қизларига атади, бир улушини ўзи олди. Кутилмаган бойликдан эси оғиб қолаёзган Оламгир хорижга ўтиш ҳақида сўз очганида унинг жавоби қисқа бўлди:
— Бир товоқ ёвғон билан одамнинг қорни тўяди. Хорижга борсанг ҳам бир товоққа тўясан. Икки товоқ еёлмайсан, бўкиб ўласан.

Зафарбек шаҳид бўлгач, Муҳаммадризо унинг омонатини кенжаси Жаҳонгирга ишонди. «Ҳатто сариқ чақасига ҳам хиёнат қилма», деб тайинлади.

Жаҳонгир турган ерда, одам бўйи чуқурликда Зафарбекнинг хазинаси кўмилганини Оламгир билсами...

Бойликларнинг бўлиб берилиши ва бошқа-бошқа ерга ўзга гувоҳларсиз беркитилиши сабабларини ака-ука энди, бир-бирига милтиқ ўқталиб турган онда англаб етишди: отаси оқил экан! Агар шундай қилмаганида улар балки баргнинг тушишини кутиб ўтиришмасди. Бирон панада пайт пойланардию тепки босиларди, вассалом!

Дарахтнинг шапалоқдек барги қари тиланчининг узатилган очиқ кафти каби титрайди.

Жаҳонгир унга бетоқат тикилади.

Оламгир аламдан ёнади. Гўё ҳаммасига шу барг айбдор.

«Укамнинг олдида паст кетдим-а? Ўлимни бўйнимга олдимми? Қўрқдимми? Укамданми? Умримда бунақа паст кетмаган эдим. Биров эшитса, «йигит бўлмай ўл», дейди. Ҳу, падарлаънати!..»

Дарахт шохларининг учига беш-олтита қарға қўнди. Улар қағиллаб гўё ака-уканинг тентакона қилиғидан кулгандай эди. Қарғалар яхшироқ ўрнашиб олиш учун қанотларини патиллатишди.

Ака-укалар сергак тортишди: қарғалар қўнганда шох силкиниб барг узилиши мумкин эди. Аммо барг ҳам уларни эрмак қилаётгандай титраб тураверди.

Оламгирнинг назарида барг титраяпти.

Жаҳонгир назарида эса зир қақшаяпти.

Узилишдан дарак йўқ.

Шом чўкди. Барг қорайиб кўринади. Энди узилса ҳам дарҳол илғаш қийин...

Бирдан ўқ овози янгради. Жаҳонгир чўчиб акасига қаради. Оламгир баргга қараб яна ўқ узди.
— Етар, бас! — деди у хирилдоқ овозда, — йиғиштир ўйинингни. Гапимга ишонмасанг, мана, отақол мени. Мингдан-минг розиман!
— Ака, шартни бузманг!
— Тупурдим шартингга. Сен мишиқининг гапига кирган мен аҳмоқ, — Оламгир шундай деб, қирқма милтиғини қўйнига тиқди. — Бир-биримизга ўқ узишимиз Худога ҳам ёқмади. Бўлмаса битта баргнинг узилиши шунчалик оғир эканми?

Акасининг гапи Жаҳонгирни ўйлантириб қўйди: худди шу фикр бундан сал илгари унинг хаёлини ҳам ёритиб ўтган эди! Худо ҳар иккисининг кўнглига яхшилик уруғи сепган бўлса-чи? Шукр, уни бир гуноҳдан қутқариб қолди! Жаҳонгир ҳам милтиғини тушириб акасига яқин борди. Оламгир унинг узр сўрашини кутган эди. Аммо Жаҳонгир акасининг кўзига тикилиб турди-да, «Худога шукр қилинг», деганча пастга қараб энди. Оламгир укасининг изидан ғазаб билан қараб қолди. Кейин унинг орқасидан югуриб бориб, елкасидан ушлаб тўхтатди. Жаҳонгир ўгирилди. Кўзлар тўқнашди.

Бир-бирига ўхшаш икки кўз, иккови ҳам қора, қисиқроқ. Аммо нур ўхшамайди. Бирининг кўзи олазарак: жойида тек турмайди. Бириники баданни тешиб юборгудай ўткир боқади.
— Мен акангман, ота ўрнида отангман энди. Бизни қон қақшатган душманларимиздан ўч олишимиз керак!
— Менинг душманим йўқ... Отам... ҳам!

Жаҳонгир акасининг қўлини елкасидан олиб, йўлига кетди. Оламгир зах ерга ўтириб қолди. Тишларини ғижирлатиб, қўйнидаги қирқма милтиқни олди. Оламгир чидолмай милтиғини қаттиқ қисди. Бармоқлари зирқираганини, тирноқлари орасида қон сирқираб кетганини сезмади — у ғазаб оташида ёнарди. Туклари тикка-тикка бўлиб кетган, ғазабини кимга сочишни билмасди. Кимга сочишни биларди, аммо қандай сочиш унинг учун қоронғи эди.

У яна бир кеча кутар, ўн кеча, минг кеча кутар, лекин аламини олмасдан тинчимасди.

Отасининг шўроларга топширмоқчи бўлган бойликлари қаёққа кетганини билолмай гаранг юрган Оламгир учун бу машмаша ортиқча эди.

У яна бир неча нафасдан сўнг ўрнидан оҳиста туради. Назарида уни эзаётган дардлар елкасидан босиб ерга киритиб юборгудай бўлади: оёқларини базўр кўтариб босади. Сўнг дарди енгиллашади, қадамлари илдамлашади. Аммо азоби сусаймайди. Сандалнинг иссиғида кўз илинган хотини унинг ғазаб ўқларига нишон бўлади. Чой ҳам заҳардай туюлади — ичмайди. Кўзига уйқу келмайди. Ярим тунда боққа чиқади. Тут томонга боради. Отаси қулаган ер, бойлик яширинган ер... Кўнглига ваҳм оралайди. Чирт этган товушдан чўчиб, тиззаларига титроқ югуради. Шу аҳволда тутнинг тагини кавлайди. Бел баробар чуқурликка кўмилган хумча устидаги тугунчани кўриб аввал ҳайрон бўлади. Тугунчани очадию воқеа равшанлашади. Демак, отаси фикридан қайтиб, ўзининг улушини иккига бўлган, бирини шу тут тагига кўмган экан-да! Нимага буни ўғилларига билдириб қўймади? Нимага?! Кўнгли ёмон нарсани сезиб эдими? Бу саволларга фақат ота жавоб бериши мумкин, аммо қора ердан сас чиққанми ҳеч маҳал?!

Булар кейинроқ юз беради. Ҳозирча Оламгир зах ерда, ғазабдан ёниб ўтирибди...

Ота қанчайин оқил бўлмасин, олтин бор жойда одамнин ҳуши учишини ҳисобга олмаган эди. У ўзи учун ҳам бир улуш олтин олиб қолгач, тинчини йўқотди. Бировнинг ҳаққини еб ўрганмаган бу одам Зафарбекнинг эҳсонини ҳазм қила олмас эди. Замон нотинч бўлмаганида буни болаларига ҳам раво кўрармиди? Қариган чоғида у олтинни нима қилади? Шўрога берса, шўро ўқидан жони чиққан Зафарбекнинг руҳи қақшамайдими?

«Болаларимга бўлиб бера қолай...» — Отанинг нияти шу эди.

Ҳозир зах ерда ўтирган Оламгир бундан ҳам бехабар, умуман, умр бўйи хабар тополмайди...

Чинор остидаги воқеадан сўнг икки кун ўтса-да, Жаҳонгир ўзига келолмай руҳи синиқ аҳволда юрарди. Кўз юмса ўша узилгиси келмай титраётган баргни кўрарди. Барг қўққисдан узилади. Милтиқ отилади. Акаси қулайди. Яна аза. Яна кафанланган мурда. Яна дод-фарёд... Ўзи ғарибгина бўлиб, бел боғлаб турибди. Кўнгил сўрашади: «Оллоҳнинг иродаси...» Отасининг қотилини ҳеч ким билмайди. Акасининг хунини ҳеч ким сўрамайди. У бир умр дардини ичига ютади. То Оллоҳга омонатини топширгунча тушига қонга беланган акаси кираверади, ёнига чақираверади...

Шукрки, Оллоҳ Жаҳонгирнинг ғамини еди. Уни бундай азобларга ташлаб қўймади. Аммо йўлини ёритиб бермади: у акасининг олдига бориб тавба қилишни ҳам, адоватда қолишни ҳам билмасди.

Учинчи куни оқшомда ўрик ўтиннинг чўғида бозиллаган сандалда ёнбошлаб ўтирарди. Ҳали мойчироқни ёқишмаган. Уйлари нимқоронғи. Ташқарида изғирин турган. Жаҳонгир хотинига қарайди. Хотини унга. Хадича келин бўлиб тушганида баҳор эди, ўрик гуллаган эди. Ана энди ўша дарахтнинг ёзда қуриган шохларини ёқиб, чўғида исиниб ўтиришибди. Худо хоҳласа, қиш чиқмай уйлари янги меҳмон билан тўлади. Раҳматли отаси «Чақалоқни «янги меҳмон» дейишнинг хосияти йўқ. Меҳмон — кетадиган одам. Чақалоқ меҳмон эмас, уйнинг хўжаси. Бировни қутласанг «Уйнинг янги хўжаси муборак», дегин», деб насиҳат қиларди. Акмал сўфи эса «Дунёга ҳаммамиз меҳмонмиз, ҳаммамиз кетамиз, кетишни ўйламай, номаъқул ишларга қўл урганимиз ёмон», дер эди. Акасининг уч фарзанди тезкетар меҳмон тоифасидан бўлди. Худо акасининг қисматини унга раво кўрмасин, ишқилиб...

Хадича ака-ука адоватидан ҳам, қайнотасининг қотилидан ҳам бехабар эди. Жаҳонгирнинг тўнглашиб қлганини чолнинг бехос ўлими билан боғларди. Ҳозир ҳам ножўя гап айтиб қўйиб, аламига алам қўшмай, деб индамай ўтирибди. Худо эрига инсоф берса, юрагидаги дардини олса, балки бу кеч бағрига кирар...

Қамчи дастаси айвон устунига урилди.
— Жаҳон!
— Мулла акам... отам, — деди Хадича.
— Нимага «отам» дейсан? — деди Жаҳонгир аччиқланиб.
— Айтишди.
— Дема! — Жаҳонгир шундай деб ўрнидан турди. Ташқарига чиқди.
— Шомни мачитда ўқиймиз. Отлан, — деди Оламгир, — янганг шу ерда ўтира туради.

Жаҳонгир акасига ажабланиб қаради. Кўнгли қандайдир нохушликни сезди. Шундай бўлса ҳам акасининг амрига қулоқ тутиб, маъқул ишорасини қилди-да, орқасига ўгирилди.
— Милтиғингни олвол, — деди Оламгир. Кейин укасининг ҳайрат билан ялт этиб қараганини кўриб, хотиржамлик билан изоҳ берди: — Замон нотинч, эҳтиёт — шарт.

Хадича ҳамма гапни эшитиб турган эди. Эрининг қайтиб киришига сандалнинг бир томонига қўйилган пайтава билан этикни олди-да, қозиқдаги тўнга қўл юборди. Эрининг намоз ўқиш учун мачитга чиқиши янгилик эмасди. Аммо намозга милтиқ билан чиқиши уни ҳайрон қолдирган эди. Жаҳонгир хотинининг ҳайратини англаб турарди, лекин изоҳ беришга ҳожат сезмасди. Хадича эса сўраш ҳуқуқидан маҳрум эканини билгани учун оғиз очмади.

Ташқаридан Оламгирнинг овози келди:
— Бўлақол имилламай.
— Шомга хийла вақт бор шекилли? — деди Хадича эрига жавдираб.
— Ишинг бўлмасин! — Жаҳонгир хотини тутган тўнни кийиб, қўш белбоғ боғлади. Кўрпа орасига қўл тиқиб, қирқма милтиғини олди-да, қўйнига яширди. Пешонасини қулоқлари аралаш қийиқ билан танғигач, ташқарига чиқди. Акаси айвондан нари кетибди.

Шоҳлари яланғоч бўлиб қолган шафтоли олдида янгаси турибди. Жаҳонгир акасига яқин борди. Янгаси уй томон юрди.
— Отни эгарла, — деб буюрди Оламгир.

Жаҳонгир итоат билан отхонага йўналди.

Кўчада от пишқирди. Жаҳонгир акасининг мақсадини англамаётган эди, аммо шом намози бугун ўқилмаслигига ақли етиб турарди. Отхонага яқинлашди-ю, ичкари киришга оёғи тортмади.

«Хорижга кетмоқчими? Унда янгамни бизникига киритиб юборгани нимаси? Ёинки адоватимиз сабабини ойдинлаштириб олмоқчими? Нима бўлса пешонамдан кўрдим!» Жаҳонгир шу қарорга келиб, отни эгарлаб чиқди.

Акаси отини етаклаб, гузарга эмас, кунчиқар томонга юрди. «Аждарқояга, — деб тахмин қилди Жаҳонгир, — хилват жой. Мақсади нима? Сўрайми?» Аждарқояга шом чоғи ҳамма ҳам боравермайди. Қишлоқ қабристонининг шундай тепасида учта қоя бор: худди аждаҳонинг учта бошига ўхшайди. Кўпчилик уни «мурдаларни пойлаб ётган уч бошли аждаҳо» дейди. Тошдан ҳеч ким ҳайиқмайди. Аммо одамларнинг назарида қоронғу чўкиши билан тошларга жон кириб қоладигандай...

Оламгир қабристон этагида отдан тушиб тўхтади. Сўнг: «Бегуноҳ кетганларни ўзинг мағфират эт, ё Оллоҳим, ишларимизнинг хайрли оқибатини бер», деб юзига фотиҳа тортди.

Жаҳонгир унга қўшилди.

Улар қоя томон юрдилар.

Қоя ортида тўрт отлиқ кутиб турарди. Эллик-олтмиш қадам нарида яна одамлар қораси кўринди. Жаҳонгир отлиқларни таниди: акасининг улфатлари — шўродан жабр кўрган бойваччалар.
— Заифаларингиз қани? — деб сўради улардан бири.
— Ҳисоб-китоб қилингунча тайёр бўлиб туришади, — деди Оламгир.

Жаҳонгир шундагина акасининг мақсадини англади. «Хорижга кетмоқчи булар!»
— Жаҳон, кетмасак бўлмайди, — деди Оламгир ялингандай, — уй-жойимизни тортиб олиб, ўзимизни бегона юртларга кўчиришар экан. Бу ердан насибамиз қирқилибди, Жаҳон! Ишонмасанг, ана, Муродилла акангдан сўра.
— Аканг ҳақ гапни айтяпти, — Муродилла шундай деб катта-катта қадам ташлаб уларга яқинлашди. — Ўзим эшитдим. Эрта-индин сазойи қилиб ҳайдашади ҳаммамизни. Хотинларимизни... ўртага олишар экан. Алдасам Худо урсин.

Жаҳонгир гангиб қолди.
— У ҳолда... у ҳолда...
— Уйда айтсам ишонмас эдинг. Шайхбувамнинг ўзлари бизни бошлаб кетадилар. Аммо унгача ҳисоб-китобли ишлар бор, — Оламгир шундай деб укасини четга тортди. — Юр, омонатингни ол. Аёлларни бошлаб келайлик.

Жаҳонгир бир қарорга келмай отни етаклаб акасига эргашди.
— Нима қилмоқчисанлар? — деб сўради Муродилла.
— Сизлар ишни пишитгунларингча биз қайтамиз. — деди Оламгир.
— Ҳа, тулки, қўрқяпсанми? Шўрочиларда қасдинг йўқми?
— Ҳа, бор. Аммо улар сендан ортармикин?
— Тулкисан, Оламгир, тулкисан. Бўпти, боравер. Лекин хотинларга қўшилиб имилламаларинг. Ҳа, укангга тайинла. Қишлоқда пича тура турсин. Биз узоқлашганимиздан кейин ўт қўйсин. Бизгаки буюрмаган қишлоқ ялангоёқларга ҳам буюрмасин. Уқдингми?

Оламгир қўлини кўксига қўйди-да, укасининг ортидан юрди.

Қабристон ёнидан ўтаётганда Жаҳонгир тўхтади. Дўмпайиб турган қабрлардан «Бир товоқдан ошиқ ичолмайсан... Тупроқ — Оллоҳнинг мунаввар неъмати, сув — унинг ёруғ ҳаёти, ҳаво — буюклиги. Булар жаннат мулкларидир. Инсон боласига бундан зиёда бойлик зарур эмас», деган овоз келгандай туюлди.

«Жаннат мулкини ташлаб кетамизми? — деб ўйлади Жаҳонгир. — Акам хорижга ўтаман, деб бунча ошиқиб қолди? Қўлидаги бойликка ишоняптими? Ё...» Жаҳонгир хаёлига келган фикрдан сесканиб кетди: «... Дайдидара исини олиб, Зафарбекнинг омонатини топган бўлса-чи?»
— Жаҳон, нимага тўхтадинг?

Жаҳонгир акасининг овозини эшитиб хаёлини тўплаган бўлса-да, дарров жавоб бермади.
— Нимага тўхтадинг? — деди Оламгир яна.
— Омонатим... уйда эмас, — деди Жаҳонгир тайин бир тўхтамга келиб. — Сиз уйга бора туринг, мен тезда қайтаман.
— Омонатинг қаерда?
— Ўзим биламан.

Жаҳонгир шундай деб отни етаклади. Қабристондан узоқлашгач, отга миндию Дайдидара сари елдирди.

Оламгир эса уйга шошилди. Хотини Хадичага бор гапни айтиб, йўл ҳозирлигини кўргандир. Бир-икки уст-бошу йўлга озиқ-овқат олишса бас. Қолганини хорижда харид қилаверишади. Олтин бўлса бор. «Худонинг лаънати теккан» бу ерлардан тезроқ узоқлашса бўлгани.

Олтин жилоси эсини ўғирлаган бу инсон боласи киндик қони тўкилган тупроқни лаънатлаш тубанлик эканини тушуниб етмасди. У ўлжасидан айрилган оч бўри кепатасида эди.

Жаҳонгир чинорга яқинлашиб энг пастки шохга беихтиёр қаради. Кўр ойдинда ўша барг қалтираб турибди. «Ҳалиям узилмабди-я! Ўзи-ку жони чиқиб бўлган, нимага узилмаяпти экан?» Жаҳонгир ер кавлашга ҳеч нима олмаганини энди билди. Орқага қайтгиси келмади. Этик қўнжидан пичоқни чиқариб хум кўмилган ерни таталай бошлади. Нам тортган ерни очиш оғир эмасди.

У ҳансираганича, панжалари билан тупроқ тортади. Хаёлида титраб турган барг. «Жони бўлмаса ҳам узилмайди. Биз жонимиз бўлатуриб узиляпмиз. Қаёққа учиб бориб қўнамиз, қаерда чириймиз? Бизни кимлар топтаркин? Ҳа... биз ҳам баргмиз. Барг дарахтга меҳмон. Биз — ёруғ дунёга... Қаерларга учиб бораркинмиз? Узилган барг қайта шохга уланмайди. Биз-чи? Қайтамизми ё бутунлай кетамизми? Э, Худо, бу нима кўргилик эди-я!»

Панжалари латтага тегиб, сесканди. Апил-тапил тупроқни таталай кетди. Бармоқлари хумга тегдию «Ўзингга шукр» деб қўйди. Хум тепасидаги тугунчани олиб ажабланди: Бойликни кўмганда тугунча йўқ эди. Тугунчани очиб тилла тангаларни кўрди. Лой кафти билан пешонасига бир урди. У отасининг нима учун ўқ еганини энди тушуниб етди.

Қишлоқ томондан ўқ овозлари келди. У тугунчани қайта боғлади. Тупроғини қоқди. Чуқурга оёғини осилтирганича нест бўлиб ўтириб қолди. Тугунни юзига босди. Димоғига отасининг ҳиди урилгандай бўлди.

«... Икки товоқ ош ичолмайсан, бўкиб ўласан».

«Икки товоқ... икки товоқ... Энди бир товоқ ош ҳам керак эмас. Буларни бизга қолдирдилар. Бизга... «Бир товоқ ошга зор бўлишмасин», деганлар. «Чироғимни ёқиб туришсин», деганлар. Қаерда ёқамиз у чироқни? Қишлоққа ўт қўяр эмишман ҳали. Арвоҳларини чирқиратиб қочаманми. Худонинг хоҳиш-иродаси шуми? Отам... Отагинам... Розимисиз? Ташлаб кетишимга розимисиз?»

Жаҳонгирнинг юрагида ғимирлаган бир нарса бўғзига кўтарилди, кейин аввал хўрсиниқ бўлиб, сўнг йиғи бўлиб ташқарига чиқди. У тўлиб-тўлиб йиғларди. Отасини ерга қўйишаётганида ҳам бунчалик зорланиб йиғламаган эди. Эркак зоти шунчалик эзилиб йиғлайди, деб биров айтса, балки ишонмас. Аммо ҳозир бу ҳақда ўйламас эди. У болам деб ўтган ота руҳига содиқ бўла олмаганидан куйиб йиғлари. Тўлиб-тўлиб, тошиб-тошиб, ҳўнграб-ҳўнграб йиғларди. Йиғи бағридаги дардни кўз ёшларига қўшиб чиқариб ташлаш баробаринда фикрини ҳам тиниқлаштира борарди. Бирданига кўз олдида яшин чақнагандай бўлди. Уч кундан бери қора тун бағридаги йўли гўё бироз ёришди.

«Ўлдиришим керак эди. Бу дунёда якка-ёлғиз қолсам ҳам, бир умр дўзах азобида ўртансам ҳам ўлдиришим лозим эди!»

Жаҳонгир тугунчани жойига қўйиб, чуқурчадан чиқди. Энгашганича панжалари билан тупроқ торта бошлади.

«Улгураман ҳали... улгураман... Улгураман... Падаркуш... Падаркуш... Пешонасидан отаман. Арвоҳларни чирқиратиб қочяпти...»

Чуқурча тўлай деганда, тупроқ устига чиқиб тепкилади. Яна тупроқ тортди. Кейин зах ерга ёпишиб ётган баргларни таталаб олиб тупроқ устига сочди. Сўнг қўлини этагига артди-да, отни тушовдан чиқарди. Пичоқни унутибди. Изига қайтди. Пичоқни ола туриб яна баргга қаради: қалтираб турибди — узилмабди. Ҳовлиқиб отга минди. Аччиқ қамчи босди. От олд оёқларига тиралганича тийғана-тийғана пастга энди.

У уйига шошиларди. Отишма овозидан қишлоқ уйғонгандир, бесаранжомдан, кимдир ўлгандир, халқ ғазабдадир, деган ўй хаёлига келмасди. У Хадичани тўхтатишга, Оламгирнинг пешонасига ўқ қадашга шошиларди. Ҳозир гузардан ўтиш ўзи учун хавфли эканини билмас эди. Билмагани учун ҳам яқин кўзла, отни гузар томонга бурди. Бурди-ю...

Одамларнинг қораси элас-элас эсида.

Кимдир «Ана, ўшалардан бирининг укаси», деб бақирди чоғи. Кейин гарданига таёқ тушди. Йўқ, олдин от мункиб йиқилди. Сўнг гарданига уришди. «Хадича!» деб бақирди. Йўқ, «Ота!» деб бақирди шекилли. Кўзолди қоронғилашди. «Арвоҳ урди», деб пичирлади.

«Қотилман», деган одам

Бу бобда маёр Санжар Солиҳовнинг қотилга ишонмагани ҳақида гап боради.

Тоғларга ошиқмай келган баҳор ҳақини қўймади — кеч кетди. Кеч келган ёз шошқалоқ кузнинг заҳар нафасига дош беролмай чекина қолди. Дарахт барглари шошқич равишда заъфарон тус олиб, майлларини тентак шамолга бера қолдилар. Бўлар иш бўлди: Дайдидаранинг асл хўжалари — изғирин, совуқ ҳукм ўтказа бошлади.

Маёр Солиҳов Дайдидаранинг қилиғидан бехабар, шаҳардаги юпун кийими билан чиқаверган эди. Мурда топилган жойни синчиклаб кўздан кечириб, раён жиноятга доир қидирув бўлими бошлиғининг маълумотини эшитгунча совқотиб, тишлари такиллаб қолди.
— Демак, ашёвий далил йўқми? — деди Солиҳов маълумотни тинглаб бўлгач.
— Далил йўқ. Фақат иккита из қолган. Бири эски этик изи. Қирқ учинчи размер. Иккинчиси ботинка изи. Қирқинчи размер.
— Этикнинг эгаси Муҳаммадризаевми?
— Ҳа.
— Айбини дарров бўйнига олгани сизга ажабланарли туюлмаяптими?
— Йўқ. Ёши бир ерга бориб қолган, бўйин товлашнинг фойдасизлигини фаҳмлаган, — деди Жабборов.
— «Ёши бир ерга бориб қолган» дедингизми? — маёр қунишиб бош чайқади. — Эллик олти ёшда тақдирга тан беради, деб ўйлайсизми?

Капитан Жабборов елка қисди. Маёрнинг шу оддий ҳақиқатни билмаслигидан ажабланди.
— Ретсидивист учун бу жуда кўп. Оғир жиноят у ёқда турсин, бировга қараб қаттиқроқ аксириб юборса ҳам қамалишини яхши билади. Терговчини қийнамаса иши осон кўчиши ҳам унга маълум.
— Яхши... — Солиҳов лабини қимтиб капитанга тикилиб қолди. — Ишни судга ошираверайликми?

Капитан марказдан келган бу одамнинг гапи чинми ё пичинг эканини фаҳмлай олмай гангиди. Кейин ноилож елка қисди:
— Ўзингиз биласиз...

Бу жавобдан Солиҳов ғижинди. Кўпларнинг тошюраклиги оқибатида қанча одам бадном бўлди, қанчаси жон берди. У дамда қатағон эди, ўйлашга, мулоҳаза юритишга фурсат етмасди. Энди-чи? Бир одамни ушлашибди, у «Мен қотилман», дебди. Булар эса ишонишибди...
— Сиз... урушда бўлганмисиз? — деб сўради Солиҳов дағал оҳангда.
— Йўқ... мен уруш ортида хизмат қилганман. Бир неча марта жангга бораман, деб...
— Бу гапнинг кераги йўқ. Мен бошқа мақсадда сўрадим. Эндигина ўн саккизга тўлиб биринчи жангга кирган йигитлар ўлимдан қўрқишарди. Бу тушунарли. Лекин «ёши бир ерга бориб қолганлар» ҳам ўзларини душман ўқидан пана қилишарди. Барвақт ўлим ҳеч кимга ёқмайди, биродар, ҳатто учига чиққан жиноятчи ҳам жондан тўймайди. Умид билан яшайди. Лекин қандай умид билан яшайди — биз шуни билишимиз керак. Қани, кетдик бу ердан. Бу туришда илигим тўғнаб қолади.

Капитан унинг мақсадига тушунмай қолди. Бу депарага у бошқа вилоятдан келган, Солиҳов билан шунчаки танишган, иш юзасидан эса биринчи марта юзма-юз бўлаётган эди. Ҳозир кичикроқ лавозимда бўлса-да, у ўзига юқорироқ баҳо берарди. Ҳарҳолда бу соҳада ишлаётганига йигирма йилдан ошди. Жамиятни неча-неча «халқ душмани»дан халос этди. Лавозими ҳам, унвони ҳам шу одамникидан баландроқ эди. Қандайдир «маҳмаданалар» чиқиб «ҳибсда ётганлар халқ душманлари эмас», дейишди, уларнинг гапларини бошқа калтабинлар ёқлашди. Ишлар қайтадан қўзғалдию... оқибатда мана шу овлоққа келиб қолди. Келиши билан қотилликка рўбарў бўлди. Ўттиз икки йилдан бери бу қишлоқда одам ўлдирилмаган эди. Шу капитан бояқишни кутиб туришганми, олтмишни қоралаган бир одамни куппа-кундуз куни отиб қўйишибди. Қотил айбини бўйнига олиб ўтирибди. Марказдан келган бу «улуғ» нима дейди ўзи? Капитан бир кун ичида қотилни ушлаб, тайёр ошни сузиб берса-ю, бу маёр олифталик қилса...

Капитан шуларни ўйлаб ғижинди. У ўзини жабрланган, хўрланган, вақтинча чекинган, деб ҳис қиларди. Ҳали яна замони келишига, олға интилишига ишончи катта эди. Маёрга айтар гапларини ўша яхши кунларга асраб, қияликдан сирғана-сирғана унинг изидан пастга туша бошлади.

Сирғанчиқ қияликда тез юрганиданми Солиҳовнинг бадани қизиб, совуқ таъсир этмаётгандай туюлди. Аммо тепасига бризент тортилган «Газик» эшикларининг тирқишидан суқилиб кираётган совуқ шамол барибир устун келиб, раён марказига етгунча бўлари бўлди.

Солиҳов бир пиёла чой ичиб олгач, маҳбусни олиб киришни буюрди. Дам ўтмай соқчи йигит баланд бўйли, елкалари кенг, сочи устарада қирилган, бошяланг кишини бошлаб кирди. Солиҳов бу одамнинг оёғидаги бироз уринган хром этикка, эгнидаги қора шим, кўк кўйлакка тезгина разм солиб олди. Уни маҳбуснинг кийимлари эмас, пешонасидаги ёзув ҳайратга солди. Қамоқ кўрган одамлар кўкрагига, билагига игна билан тешиб суратлар солдирар, ёзувлар ёздирар эдилар. Аммо пешонасига ёздирган одамни Солиҳов энди кўриб туриши.

Маҳбус Солиҳовнинг ўзига қадалган нигоҳини, ажабланаётганини сезди. Лиқиллаб қолган ўриндиққа ўтира туриб минғирлаган овозда деди:
— Пешонамга «Алқасосу минал Ҳақ», деб ёзилган. Ўқийман деб ўзингизни қийнаманг. Арабча ҳарфларни билмайдиган одамга ёздирган эдим. Яхши ёзолмаган.
— Кимдан қасос олмоқчи эдингиз? — деб сўради Солиҳов.
— Бу эски гап, начайник, эскини кавламанг.
— Ҳарҳолда қизиқиб қўйишим керак: қасос олганмисиз?

Маҳбус индамади. Пича ўйга берилиб қолди. «Қасос олдимми? — деб ўзидан ўзи сўради. — Йиллаб кутган фурсатимни қўлдан чиқармадимми? Нима учун яшовдим, шу фурсат учун эмасми? Энди-чи...»

Маҳбуснинг бу фикрларга берилиши бежиз эмасди. У Дайдидарадаги қотилликни эшитганидан бери шу саволларга банди. Савол беради-ю, жавоб топа олмайди. Миясини, юрагини нимадир кемираётганга ўхшайди, баъзан эса аламга чидай олмай инграб юборади.

Солиҳов унинг индамай қолганини бошқа нарсага йўйди. «Ўтмиш хотиралар қийнаяпти шекилли», деб ўйлаб, унга бироз тин беришни лозим топди. Аммо маҳбус бу имкониятдан фойдаланмади, унга тик қаради:
— Сўрайдиганингизни сўранг, начайник?

Солиҳов стол устидаги қоғозларни тартибга солган бўлди. Кейин перони сиёҳдонга ботириб ёза бошлади.
— Мен Санжар Солиҳовман. Област жиноят қидирув бўлимиданман. Дайдидарадаги қотиллик изини очиш билан шуғулланаман. Қарши эмасмисиз?
— Менга барибир, сиз шуғулланасизми, бошқасими — фарқи йўқ.
— Исмингиз?
— Жаҳонгир Муҳаммадризо ўғли. Қирқбел қишлоғида ўрусча ҳисобда бир минг тўққиз юз биринчи йилда туғилганман. Волидаи мукаррамам ўн олтинчи йилда, жаннатмакон отам йигирма иккинчи йилда оламдан ўтганлар. Уйланмаганман. Қариндош-уруғларим қолмаган. Ўзим шаҳарда тураман. Мактабда қоровулчилик қиламан.

«Мактаб кўрган жиноятчи эканини яширмайди ҳам, — деб ўйлади Солиҳов унинг айтганларини ёзиб олар экан, — берадиган саволларимга биратўла жавоб қайтара қолди».
— 1957 йил бешинчи октябрда қаерда эдингиз? — деди Солиҳов Жаҳонгирга синовчан тикилиб.

Жаҳонгир жавобни ўйлаб ҳам ўтирмади:
— Дайдидарада.
— Нима қилдингиз у ерда?
— Болалигим ўтган ерларни кўргим келиб чиқувдим.
— Марҳумни танирмидингиз?

Бу сафар Жаҳонгир ўйланди.
— Йўқ, — деди у эзгин бир оҳангда.

Солиҳов ундаги ўзгаришни сезди. Тоза қоғозга «Марҳумни ростдан танимайдими?» деб ёзиб қўйди.
— Танимасангиз... нимага ўлдирдингиз?
— Шайтон йўлдан урди. Ўқ хато кетди. Архарни мўлжалга олувдим.
— Ов милтиғида отувдингизми?
— Ҳа.
— Ўқ марҳумнинг қаерига тегди?
— Билмайман... қўрқиб қочиб кетдим.

Солиҳов Жаҳонгирнинг ёлғон гапира бошлаганини билди. Шу сабабли нафас ростлашга ҳам қўймай саволларни ёғдириб ташлади:
— Тахминан ҳам билмайсизми? У сизга орқа қилиб турганмиди ё юзма-юзми?
— Юзма-юз эди шекилли...
— Милтиғингиз қани?
— Дарёга ташлаб юбордим...

Солиҳов яна савол бераман, деганда Жаҳонгир қўлини кўтарди:
— Начайник, бошқа савол берманг, — деди у қатъий оҳангда, — айбимга иқрорман. Уни мен ўлдирдим. Энди мени отиб ташлайверинг

Солиҳов унга тикилиб қаради-да, мийиғида кулди.
— Сиздай кўпни кўрган одамга гўллик ярашмас экан. Менинг отадиган одам эмаслигимни биласиз. Дунёда суд деган нарсалар борлиги сизга маълум. Ҳатто... ёлғон гапираётганингизни ҳам биласиз. Жонингиздан тўйган бўлсангиз умрингизга бизнинг қўлимиз билан нуқта қўйманг. Терговни чалғитаман, деб ҳам ўйламанг. Бизга сизнинг жонингиз керак эмас. Сиз қотилни яширяпсиз. Ёнингиздаги ким эди, айтинг.

Жаҳонгир унинг ўткир нигоҳига бас кела олмади. Бошини эгди.
— Ёнимда ҳеч ким йўқ эди. Ўзим ўлдирдим, — деди паст овозда.

Солиҳов «ана, кўрдингизми», дегандай капитанга қараб олди. Капитан бу нигоҳга яширинган маънони уқмагандай ҳиссиз тураверди. Солиҳов асабийлашиб столни бир-икки чертди. Боши эгик маҳбусга тикилиб, ундан яна сас чиқишини кутди.
— Мен ўлимга шошаётганим йўқ. Умрнинг вақти-соати Оллоҳнинг қўлида. Керак бўлса жонимни сизнинг қўлингиз билан олади, хоҳласа бошқанинг қўли билан. Мен Оллоҳим юборган барча жабру-жафоларни кўриб бўлдим. Дилимдан чиқариб бир оҳ урсам олам-жаҳон барбод бўлади. Оллоҳ иймонимни берса, бир мўминнинг қўли билан жонимни олса, бир мўмин покиза танамни манзилимга қўйса, бас. Орқамдан биров фарёд урмайди, биров чироқ ёқиб ёд этмайди. Шунақа... начайник... — Жаҳонгир бошини кўтарди. Солиҳов унинг кўзларида нам кўрди. — Мени ҳам қийнаманг, ўзингизни ҳам. Суддан қўрқманг, гапимдан тонмайман.

Солиҳов унга бошқа савол бермади. Жаҳонгирнинг гаплари ёзилган қоғозни стол четига суриб, ручкани узатди:
— Ўқиб чиқинг. Гапларингиз тўғри бўлса, имзо чекинг.

Жаҳонгир ўқиб ҳам ўтирмай имзо чекиб берди-да, ўрнидан туриб қўлини орқасига қилди. «Бунчалар мўмин бу одам», деб ўйлади Солиҳов унинг қилиғидан ажабланиб.

Жаҳонгирни раён милитсиясининг ярим ертўла авахтасига қайтаришди. У ўн кишига мўлжалланган, икки қаватли тахта сўрилар қўйилган бу нимқоронғи зах авахтада тунни ёлғиз ўтказган эди. Бу авахтада йигирма иккинчи йилда ҳам ётган. У пайтда ерга сомон тўшалган экан, туни билан бургага ем бўлиб чиққан эди. Дастлаб келганида авахта гавжум эди. Кеча кириб, кўзларига ишонмади. Кейин «Бу юртда жиноятчи дегани қолмабди-да, мендан кейин авахтани бузиб ташлашса керак», деган тўхтамга келиб, деразани эслатувчи туйнук ёнидан жой олди.

Аниқ ёдида: сўроққа чиқаётганида соқчи эшикни қулфламай очиқ қолдирган эди. Қайтгач, эшикка осиғлиқ қулфни кўриб ажабланди. Ичкари кириб ориқ бир йигитга кўзи тушгач, «Авахтанинг иши ҳали бор экан», деб қўйди ўзича. Йигит ёши улуғ бу одамни кўриб, салом берди.
— Ҳа, иним, у ерларга қайси шамол учирди? — деб сўради Жаҳонгир унинг саломига алик олиб.
— Ҳе, бунақа шамолнинг энасини... — йигит беихтиёр сўкиб юборди-ю, бу қилиғидан ўзи изза чекиб, гап оҳангини сал юмшатди. — Хотинимни урган эдим, бу ерга тиқиб қўйишди падарлаънатилар.
— Чакки бўлибди, — деди Жаҳонгир жойига бориб ўтириб.

Йигит бу гапни «Қамашгани чакки бўлибди», деган маънода уқиб дадилланди.
— Эр бўлгандан кейин эрликда туриш керак. Хотин хотинлигини қилсин. Эрга гап қайтармасин, чизган чизиғидан чиқмасин. Хотин деган эрга чақчайиб турса...
— Хотин киши эрнинг ҳурматини жойига қўйиши керак, гапингиз тўғри.
— Чақчайиб тургандан кейин калтак ейди-да.
— Йўқ, иним, номард одам хотинини уради.
— Ие, қизиқ экансиз-ку?..
— Расулуллоҳ аёлларни хўрлашни ман этганлар. Ҳар бир мўъмин расулуллоҳнинг ҳадисларига амал қилиши шарт.

Йигит қарасаки, бу тақирбош одам унга эл бўладиган эмас, шу боис гапни давом эттирмади. Аммо узоқ жим ҳам ўтира олмади.
— Патинкамнинг ипини ҳам ечиб олишди. Ипни нима қилишади?
— Ўзини осиб қўймасин, деб олишади.
— Ким ўзини осади, менми? Жинни бўпманми?
— Ҳа, энди буларнинг таомили шунақа-да.
— Сизникини ҳам олишдими? Ҳа... сиз этикда экансиз. Ўзи... сизни нимага қамашди?
— Э, иним, менинг ишим чатоқ. Мен одам ўлдирдим.
— Одам ўлдирдим? Кимни? Ҳалиги... Дайдидарадаги одамними? Нимага ўлдирдингиз?

Жаҳонгир бу йигитнинг феъли торроқ эканини билиб, ҳазил билан жавоб берди:
— Хотинини урган экан.

Ҳазил гап билан йигитдаги ҳадикни қувмоқчи бўлган Жаҳонгир уни баттар саросимага солиб қўйди. Йигит унга бақрайиб қараб қолди. Жаҳонгирнинг пешонасидаги ёзувни кўрдию бадбашара одамхўрга дуч келгандай ҳушини йўқотди. Сапчиб ўрнидан туриб орқасига тисарилди. Уни тинчлантириш учун Жаҳонгир ҳам ўрнидан қўзғолди. Йигит буни бошқача тушуниб, орқаси билан деворга урилгунча тисарилаверди. Сўнг кескин ўгирилиб, эшикни дўмбира қила кетди.
— Начайникни чақир, чақир дейман! — деб жон ҳолатда бақирди.

Жаҳонгирнинг «Ҳой, иним, ҳазиллашдим», дегани қулоғига ҳам кирмади. Йигитнинг жазаваси авжга чиққанда эшик очилди.
— Нимага ғалва қиляпсан? — деди соқчи ўдағайлаб.
— Мени бошқа хонага олиб чиқинглар. Талаб қиламан!
— Бу энангни уйими, кўнглингга қарайдиган. Ғингшимай ўтир, бўлмаса адабингни ейсан.
— Мен...
— Ўчир овозингни! Бор жойингга, — соқчи уни кўкрагидан итарди-да, Жаҳонгирга қаради: — Сен эса мен билан юр.

Жаҳонгир «Яна сўроққадир», деб ўйлади. Ҳар ярим соатда чақириб гангитадиган терговчиларни ҳам кўрган. Туни билан тик турган ҳолда саволларга жавоб берарди. Сўроқдан қайтиб энди ётганида «Ризаев, тур ўрнингдан», деб кириб келишарди. Кундузи ухлашга рухсат йўқ, соқчи дам-бадам эшик тирқишидан қарайди. Ётиш у ёқда турсин каравотга ўтиргудай бўлса, «Тур ўрнингдан!» деб бақиради. Жаҳонгир айби нималигини билмайди. Терговчига маъқул жавобларни бераверади.

Ҳозирги чақирув қирқ еттинчи йилдаги ўша сўроқларни ёдига солди. Маёр билан бўладиган савол-жавобга шайланиб хотиржамлик билан юрди. Бироқ соқчи идорага эмас, ҳовлида турган усти ёпиқ, бурни пачоқ машина сари бошлади. «Шаҳарга олиб кетишаркан, — деб ўйлади Жаҳонгир, — демак иш чўзилади. Раёнда қолганда тезроқ битарди. Бу Санжар деганлари ханжар бўлиб дилимни тилим-тилим қилиб поралайди шекилли...»

Жаҳонгир «Бу юртимга энди қайтиб келмасам керак», деб ўйлаб бир зум тўхтади. Атрофга суқланиб боқди. Тоғ бағридаги унинг жаннат қишлоғи бу ердан кўринмайди. Лекин у ҳозир атрофга боқиб, қишлоғини кўргандай бўлди. Димоғига жийда гули ҳиди урилгандай туюлди. Бу атрофда жийда йўқ, қолаверса, ҳозир куз. Бу ҳид қайдан келди, ўзининг ҳам ақли лол.
— Қочишни ўйлама, қочсанг — отиласан, — соқчининг кескин гапи хаёлини тўзитди. Аста-секин босиб, машина томон юрди. «Ҳе, эси йўқ бола, қаёққа қочаман? Ўлимдан қочиб бўларканми? Ўзим ўлим истаб юрибман-ку... Ё ростданам қочиш қилиб берсамми? Шартта отади, тинчийман, қўяман?..» Шу фикр миясига равшанлик бериб, яна тўхтади. Бир қарорга келмасидан соқчи милтиғининг қўндоғи билан туртди. «Қаёққа қочаман? Отаман, деб пўписа қиляпти. Оёқ-қўлим енгил, чаққон бўлсам экан, қочсам. Энди Оллоҳим тайин қилган кунни кутишдан ўзга чорам йўқ».

Қуёш нурлари ўлимтик туюлса ҳам қамоқхона машинасининг темир баданига таъсир ўтказган эди. Панжарали дарчаси ҳам бўлмаган бу машина ичи қоронғи ҳамда жуда дим эди. Бирпасда Жаҳонгирнинг нафаси қайтди. Хайриятки, машина узоқ турмай, юрди. Совуқ шамол темир баданнинг ёриқларидан ўзига йўл топиб ичкари кирди. Жаҳонгирнинг назарида бу тоза ҳаво, юрт ҳавоси у билан хайрлашиш учун биқиниб киргандай эди. У чуқур-чуқур нафас олди. Томоғига нимадир тиқилди. Йиғлагиси келди. Аввал олиб кетишгандан бу ҳолга тушмаган эди. Қайтиб келишига, ота юрт тупроғини кўзига суртишига, сувидан тўйиб-тўйиб ичишига, ҳавосидан тўйиб-тўйиб нафас олишига ишонарди. Энди... бундай ишонч йўқ унда. Энди... қайтмас бўлиб кетяпти. Энди... онаси, отаси ҳам ёлғиз қолди. Энди... уларнинг арвоҳлари қишлоқ кўчаларида паноҳ излаб чирқираб юради. Кеча қабристонга бориб зиёрат қилгани дуруст бўлди. Бу дунёда сўнгги марта борди. Энди у дунёда дийдор насиб этади. Ҳаммалари жамулжам бўлишади. Онаси, отаси... ниҳоят, акаси... Айбдорни Оллоҳнинг ўзи жазолайди...

Машина нотекис йўлда чайқалиб боради. Омонат ўтирган Жаҳонгирни баъзан итқитиб юборади. Жаҳонгирга йўл азоби таъсир этмайди. У руҳи ҳукмига банди бўлиб ўтирибди. «Ё Оллоҳ, билиб-билмай, тушуниб-тушунмай, шайтон йўлига кириб, тўғри йўлдан озиб, иймондан, инсофдан, виждондан чекиниб қилган гуноҳларимни ўзинг кечир. У дунёда она-отам билан, акам билан учрашадиган онларим яқин қолди. Ё Оллоҳ, уларга ёруғ юз билан рўбарў қил. Акам тўғри йўлдан озган эди, ўзинг мағфират қил уни. Бу дунёда гуноҳларига тавба қилмаган бўлса, энди тавба қилади, тавбаларини даргоҳингда қабул эт. У кўрмаган азобларни мен кўрдим. Унинг гуноҳларини ҳам мен сўраб оламан. Шу кунга қадар акамга айтадиган гапларимни дилимда сақладим. Ўзингга шукр, гапим ичимда қолиб кетмади. Акамни мен отишим керак эди. Умр бўйи шундан қўрқиб яшадим. Акамни ўлдириш азобини қандай кўтараман, деб эдим, шукр, бу азобдан ҳам қутқардинг. Акамнинг жонини бировнинг қўли билан олдинг. Аммо унинг гуноҳини мен бўйнимга оламан. У дунёга шу гуноҳ билан бораман. Ё Оллоҳ, гуноҳимни ўзинг кечир. Аммо мен жаннатдан жой сўрамайман. Шу таъмада сенга сиғиниб юрган бўлсам, албатта дўзахдан жой бер менга. Бу дунёда кўрган роҳатларим эвазига дўзах азобини тортай. Мен расулинг Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламга айтган сўзларингга амал қилиб келдим. Энди иймонимни берсанг бас...»

Темир баданли машина «ҳей, эсингни йиғ» дегандай Жаҳонгирни силкиб-силкиб қўяди. Жаҳонгирнинг руҳга батамом банди бўлишига йўл бермайди.

Калаванинг бир учи

Бу бобда парда-девор ортидаги аёлнинг ўйлари билан ҳам танишасиз.

Маёр Санжар Солиҳов маҳбусни шаҳар турмасига кўчириш ҳақида буйруқ бергач, Жабборов билан хайрлашди. Капитаннинг кўнглида нохуш ҳис уйғонди. Дайдидарадаги қотилликка оид ишнинг мураккаблигини энди тушунди. Солиҳов ишни енгил кўриб чиқадиганга ўхшамайди. Демак, иш ниҳоясига етгунча раён жиноят қидирув бўлимида ҳам тинчлик бўлмайди.

Капитан Жабборов Солиҳовга унча ёқмади. Солиҳов унинг ўтмишини эшитган эди. Аммо ўша давр уни шу ишларга мажбур қилгандир, давр талабига қарайман, деб бегуноҳ одамлар умрига зомин бўлгандир, деб ўйлаган эди. Бугунги қисқа учрашувдан билдики, капитан ўтмишдан хулоса чиқармаган ёки унинг табиати, бўлган-тургани шу: ишни енгил-элпи кўриш. Солиҳов у билан хайрлашгач «ишни олиб борувчи гуруҳга қўшиб бўлмайди уни», деган қарорга келди.

«Газик»нинг ғилдираклари гўё ҳар бир тош, ҳар бир чуқурликни пайпаслаб топаётгандай эди — машина тинмай чайқаларди. Солиҳов пешонасига «алқасосу минал ҳақ», деб ёзилган одамни кўз олдига келтириб ўйларди. «Уч марта қамалган. Яна энг қалтис даврлар — 1922, 1938, 1947-йилларда. Кўп азоб чеккан. Қарашларида маъно бор. Аҳмоқ одамга ўхшамайди. Қотилликни нима учун бўйнига оляпти? Марҳум орқа томондан, ов милтиғида эмас, тўппончада отилган, ўқ миясини ўпириб кетган. Муҳаммадризаев уни отилгандан сўнг кўрмаган, кўрган бўлса аввал кўргандир. У билан гаплашган. Нимани гаплашган? Кейин кетган. Қаерга кетган? У кетгач, қотил келган. Ким у қотил, нимага келган? Кекса одамдан нима талаб қилган? Шарипов Дайдидарада нима қилиб юрган эди? Йигирма иккинчи йилда хорижга ўтиб кетган бу одам икки йил аввал Қашқардан қайтган. Бу овлоқ жойда нима бор экан унга?»

Машина тинмай чайқалади. Гўё Солиҳовни чулғаб бораётган саволлар булутини тўзитмоқчи бўлади. Солиҳов бундай йўл, бундай чайқалишларга кўникиб кетган. Урушдан аввал қайси бир ҳамроҳи нолиганда ярим ҳазил, ярим чин билан «Замон чайқалиб турибди, машинанинг чайқатиши нима экан», деган эди. Солиҳов замонларнинг энг қалтис чайқалишларидан ўтиб келди. Гуноҳи нима эканини билмай бош эгиб сукут сақлаб ўтирган доноларни, мунг тўла кўзларни кўрди. Баъзан шу кўзлар уни таъқиб қилади. Ана шунда кўринмас панжалар юрагини сиқувга олади. У кўнглига фақат бир нарсадан паноҳ топади: бегуноҳларни кўрди, аммо уларни қириб ташлашда иштирок этмади. Бахтига (ҳа, бунинг бебаҳо бахт эканини энди биляпти) сиёсий маҳбуслар билан шуғулланмади. У қотиллар, ўғриларни тутиш билан машғул эди. Ҳозир кўнглига бироз бўлса-да таскин берадиган ҳам шу жамиятга зарур иш билан шуғуллангани.

Солиҳов идорага қайтгунча биринчи галда қиладиган ишларини белгилаб олган эди. Хонасига бора туриб Рамазоновни чақирди. Капитан Рамзиддин Рамазонов уруш кўрган, оқ-қорани яхши ажрата оладиган инспектор бўлгани учун ҳам Солиҳов уни қадрларди. Кўп ишларда унинг ёрдамига суянарди.

Маёр Дайдидарадаги қотиллик, раён жиноят қидирув бўлимидаги ўртоқларнинг хулосаси билан таништириб, Рамазоновдан жавоб кутди. Аммо Рамазонов жавобга шошилмай «Казбек»ни тутатиб ўтирарди. Ташқаридан қараган киши бу одам муҳим гапларни эшитди, энди жиддий бир фикр айтиши керак, деб ўйламас, оёғини чалиштириб ўтирган капитан шунчаки бекорчиликдан папирос тутатяпти, деган хаёлга бориши мумкин эди. Солиҳов у билан дастлаб учрашганида бу қилиғидан ранжиган ҳам. «Бу бемалолхўжа ўйлаб ўйига етгунча жиноятчи ишини битириб бўлади». Кейин-кейин кўникиб кетди. Ҳатто чуқур мулоҳаза юритадиган бу одамни яхши кўриб қолди.

Рамазонов папиросни охиригача чекиб, қолдиғини кулдонга эзиб қўйди.
— Тушунарли, — деди бошлиғига қараб, — архивни титиб кўраман.

Рамазонов ўзи сезмаган ҳолда яна чўнтагидан «Казбек» қутисини чиқариб бир дона олди-да, папироснинг тамакили томонини аста эзиб, иккинчи учи билан қутига уриб-уриб қўйди. Бир нафас ўйланди. Папиросни лабига қистирди. Бироқ тутатмади. Сўнг тайин бир қарорга келиб ўрнидан турди.

Солиҳов идорада узоқ ушланмади. Ташқарига чиқиб эски шаҳар томон йўл олди. Оқшом қўна бошлаган палла, кўча тирбанд. Одамлар уч вагонли трамвайнинг зиналаригача осилиб олишган. Дўмбоқ паттачи трамвайнинг силкинишига эътибор бермай одамлар орасида суқилиб, туртилиб ўз ишини қилади. Йигитлар атайин хиралик қилиб уни ўтказгани қўйишмайди. Паттачи буни билади, бироқ ўзини билмаганга солиб йигитларнинг биқинига тирсагини тираб ўтади. Вагон ўртасида турган Солиҳов Хадрага етганда паттачининг орқасидан эргашиб эшик томон силжиди. Чорсуда бир амаллаб тушиб қолиб, поябзаллар обдан суртилган шимининг почасини қоқди. Бозор томон юрди. Узун кўчанинг икки томонидаги дўконлар ёпилган. Кўчада одам сийрак. Фақат ресторанлар олди гавжумроқ. Ичкарида жазавали куй эшитилади. Баҳору ёз меҳнат қилиб етиштирганини сотиб тугатган, чўнтаги пул кўрган деҳқон йигитлар болалари ризқининг бир улушини шу ерга сочиб кетишади. Гўлроқлари баъзан шип-шийдам бўлиб ҳам чиқишади. Кўкраклари тирсиллаб турган хонимлар, фуражкасини бостириб кийиб олган йигитлар бу атрофда бекор изғиб юришибдими? Улар ҳозир ҳеч нарса билан иши йўқдай, бефарқ туришибди. Атрофга қоронғулик чўкиб, ичкарида оркестр авжга чиққанда уларнинг «ови» бошланади.

Семизлигидан ёрилиб кетай деяётган милитсионер Солиҳовни кўриб салом берди. Солиҳов алик олди-ю, бошқа гап айтмай ўтиб кетди. Бозорга айланишадиган киссавуру чайқовчидан «солиқ» ундириб турадиган бу одамнинг пойдевори мустаҳкам эканини билади. Буни йўқотиб ўрнига ҳалолроқ милитсионер қўйишни талаб қилганида бошқармадагилар «Унга тегманг», деб гапни калта қилишган эди. Солиҳов бозорга бориб тақаладиган жиноятларни очишда бу одам билан икки-уч суҳбат қурган, бироқ тайинли бир гап ололмаган. Ҳозир уни кўриб ғижиниб қўйди-ю, тўхтамай ўтиб кетаверди. Милитсионер эса, бундан ўзича хулоса чиқариб, «Атрофда одамлари бормикин», деб аланглади. Кейин шошилиб ресторанга кирди.

Солиҳов бозорни кесиб ўтиб, қадимда масжид, бўлган, маданий инқилобдан сўнг мактаб ихтиёрига берилган ғиштин иморатни, сўнг гавжум чойхонани ортда қолдириб, болохонали уй қаршисида тўхтади. Бу ерларни беш қўлдай яхши билганидан марҳум Сиддиқ Шарипов яшаган уйни қийналмай топди.

Дарвозанинг бир қавати очиқ, йўлак кимсасиз, ҳовлида эса одамлар кўринарди. Шом тушиб ҳассакашлар эндигина ичкари кирганлар. Солиҳов дарвозани тақиллатиши ҳамон тўн кийиб, белбоғини қўлида ушлаб олган ўттиз ёшлар чамасидаги йигит кўринди. Ҳозиргина ечган белбоғини қайта ўраб, меҳмонга пешвоз чиқди. Яқин келгач, салом бериб, қўшқўллаб сўрашди-да, ичкари таклиф қилди.

Ҳовлидаги супада уч эркак бор эди. Юзини рўмол учи билан тўсиб супа четида ўтириб гаплашаётган аёл Солиҳовга кўзи тушиши билан шошилиб ўрнидан турди-да, парда-девор ортига ўтди.

Солиҳов супадагилар билан саломлашиб, қариялардан бири тиловат қилгач, иккинчиси унга гулдор, юпқа хитойи пиёлада чой узатди.

Мезбонлар Солиҳовни кўнгил сўраб, таъзия билдиргани келган одам деб ўйлашган, лекин, танимай туришган эди. Солиҳов маъноли қарашлардан буни дарров сезди. Орадаги ноқулай вазиятни кўтариш учун ўзини танитди.
— Марҳумнинг яқинларидан сўрайдиган гапларим бор эди. Ишимиз шунақа, кўнгилга олмайсизлар. Вақт ўтишини кутиб тура олмаймиз.
— Қани, иним, дастурхонга марҳамат қилинг. Аввал таом, сўнгра калом, деганлар. Сўнг, мана, Йўлчивой билан бафуржа суҳбат қураверасиз. Йўлчивой — раҳматли Сиддиқбекнинг пушти камари, — деди чой узатган қария.
— Инна лиллаҳи ва иннаа илайҳи рожиъун.1 Оллоҳнинг марҳамати шу-да, мусофирликда олмай, ўз юртида олди жонини. Шунисига ҳам шукр қилиш керак. «Юртимга келволдим, бу ёқдаги ҳаётим энди фойдага қолди», дерди раҳматли.
— Сизлар қариндошмисизлар? — деб сўради Солиҳов, чойдан ҳўплаб.
— Аслида-ку... бегонамиз, аммо мусофирликда қариндошдан афзал бўлиб кетганмиз. Қашқарда насибамизни териб еганмиз.
— Шарипов... Сиддиқбек ака қачон кетганлар бу ерлардан?
— Ленин ўлмасидан анча аввал, дерди раҳматли.
— Сабабини билмассизлар?
— Э, иним, сабабини ўзингиз биласиз-ку? Отамизда битта сигир бўлса ҳам «бой» деб, «унсур» деб дағдаға қилишган. Раҳматли Сиддиқбек ҳам бошқаларга қўшилиб кетворганлар. Мана, Йўлчивой ўшанда йўлда туғилган экан.

Девор-парда ортида шарпа сезилиб, Йўлчивой ўрнидан турди-да, узатилган косаларни олиб изига қайтди.

Солиҳовнинг қорни оч эди, тортиниб ўтирмади. Қариялар ҳам гулдор қизил чўпларни бармоқларига қистириб олганча лағмонни иштаҳа билан ея бошлашди.
— Кимникидан келибди, жуда боплапти-да, а? — деди қариялардан бири.
— Муродилланикидандир? — деди иккинчиси.
— Шунақа бўлса керак, — деди Йўлчивой.

Овқат ейилиб фотиҳа ўқилгач, қариялар қўзғолишди.
— Йўлчивой, ўғлим, энди биз борайлик. Худо сабр берсин. Оллоҳ насиб этса, пайшанба куни дийдор кўришамиз.

Улар шундай деб чиқиб кетишди.

Супада икковлон қолишди. Солиҳов Йўлчивойга қаради. Пешонаси кенг, киприклари узун, қора қош, қиррабурун бу одамни қаердадир кўргандай эди.
— Қотилни топганмишсизлар? — деб сўради Йўлчивой.
— Ҳали топганимизча йўқ. Бир одамда гумонимиз бор. Шунинг учун ҳам сиз билан гаплашиб олишим керак. Сиз ўзингиз ёки онангиз бирон кишидан гумон қилаётганларинг йўқми?

Йўлчивой ўйланиб туриб елка қисди.
— Ҳайронман... кимга керак экан бу...
— Дадангиз бирон кишининг таъқиб этаётганини айтмабмидилар?

Йўлчивой яна ўйланди.
— Йўқ, тинчгина яшардик. Бу шаҳарга келиб, жой қилиб, ҳали дўст-душман орттиришга ҳам улгуролмовдик.
— Дадангиз Дайдидарага нима учун борганлар? Айтиб кетган эдиларми?
— Бир биродаримни йўқлаб келаман, девдилар. Кимлигини сўрамабман. Дадам... раҳматли ҳам айтмовдилар.

Аввалига «раҳматли» дейишга Йўлчивойнинг тили бормади. «Раҳматли» дейиш ўзинг учун азиз бўлган одамнинг ўлимини тан олиш-да. Ўғил ҳали бу даҳшатли фожиани тан олгиси йўқ. Назарида дадаси ҳализамон Дайдидарадан қайтадигандек. Ўқ ўпириб юборган бош, очиқ кўзлар эса... булар қўрқинчли туш эди.

Йўлчивой ўзи истамагани ҳолда буни тасдиқлади. Отаси ерга қўйилгач, уч кун ўтиб, унинг ўлимини тан олди. Аммо шу сўзни айтиши билан бадани титраб, пешонасига совуқ тер чиқди. Солиҳов ундаги ўзгаришни сезди. Шу сабли қайта саволга тутмай, сабр қилди.

Бу қисқа жимликда Йўлчивой йўлга отланган отасини кўз олдига келтирди. «Дайдидара деган қишлоқда биродарим бор. Ўттиз йил кўришмадим хабар олишим фарз», деб жилмайган эди. Жилмайишида саросима зоҳир эди. Йўлчивойнинг сезгир нигоҳи илғаган эди бу саросимани. Демак... саросимали жилмайиш... ўлим шарпаси экан-да?!

Йўлчивой кўзларини юмиб олди. «Нимага тўхтатмадим. «Тобингиз йўққа ўхшайди, борманг», десам бўларди-ку! Нимага индамадим? Нимага бирга бормадим? Худо менга хабар берган экан-ку, нимага илғамадим бу хабарни?..» Ҳар бир савол миясида яшин сингари чақнаб, юрагига найза каби санчиларди. Уч кун давомида келди-кетдилар билан овуниб бундай хаёлларга банди бўлмаган эди. Хаёллари эшигининг ланг очилишига рўпарасидаги одам айбдорми? Бу одам келмаганда хаёллари занжирбандлигича қолармиди? Йўқ, эртами-кечми бу хаёллар, бу саволлар занжирларни узар эдилар, Йўлчивойнинг юрагини буровга олар эдилар. Бу одам баҳонасида барвақт бошладилар қийновни.
— Бу томонда душман орттиришга улгурмабсизлар, у томонда-чи? Душманларинг бормиди?

Солиҳовнинг овози узоқдан келгандай тўлиб, Йўлчивой ажабланди. Шу боис дарров жавоб бермади. Ўйлашга, фикрини жамлашга бироз фурсат талаб этилди. Солиҳов буни бошқача тушунди. «Эсламоқчи», деб ўйлаб, жавобни кутди.
— У томонда бизлар мусофир эдик. Мусофирлик тузини тотганлар бир-бирига ёв бўлмайди. Менинг билганим — шу.
— Дадангиз асли қаерликлар?
— Юсуфхона деган қишлоқ бор, эшитганмисиз?
— Ҳа, биламан. Сиз бобонгизни эслайсизми? У киши нима иш қилардилар?
— Бобомни эслай олмайман, чунки... кўрмаганман. Ўртаҳол деҳқон бўлган эканлар.
— Сиздан бир илтимосим бор. Дадангизнинг дўстларидан сўрашнинг мавриди эмасди. Сўраганимда ҳам менга айтмасликлари мумкин. Сиз улар билан алоҳида-алоҳида гаплашганингизда «Кимнинг қасди бўлиши мумкин?» деб сўраб кўринг. Айтишса, менга маълум қиласиз. Энди мана бу суратга қаранг, — Солиҳов кўкрак чўнтагидан Жаҳонгирнинг расмини олиб унга узатди. — Танийсизми?
— Ҳа, — деди Йўлчивой суратни қўлига олиб. — Бир-икки келган бу одам. Гумон қилаётганингиз шуми?
— Сиз гаплашганмисиз бу одам билан?
— Йўқ. Дадам... раҳматли гаплашганлар. Кейин... «Мен йўғимда киритманглар», деб айтган эканлар.
— Кимга?
— Онамга.
— Онангиз танийдиларми бу одамни?
— Билмайман.
— Чақирсангиз, шуни сўраб олсам?
— Мумкин эмас. — Йўлчивойнинг овозида қатъийлик сезилди. — Аёл киши номаҳрамнинг олдига чиқмайди.
— Парданинг у бетида туриб гаплашишлари мумкинми?

Йўлчивой расмни олиб парда орқасига ўтди. Ундан бир неча дақиқа дарак бўлмади. Солиҳов чинни пиёлани чертиб қўйди. Жарангига ҳуши кетиб, яна чертди.

Йўлчивой қайтиб, суратни узатди:
— Танимас эканлар, — деди қуруққина қилиб.

Солиҳов муомаладаги бу ўзгаришни сезиб, ажабланди.
— Чойдан ичинг, ака.

Солиҳовга бу «гапингиз тугагандир, сизга рухсат», деган маънода эшитилди. Ўзича «калаванинг бир учи шу ерда», деб қўйди-да, йигитга раҳмат айтиб, ўрнидан турди. У парда-деворнинг бир томони сал сурилганини, бир жуфт қора кўзнинг таъқиб этганини сезмади.

Парда-девор ортидан Йўлчивойнинг онаси, Сиддиқбек Шариповнинг беваси Хадича ўғринча қараб қолган эди. Нима учун қараганини ўзи ҳам билмайди. Ўғли суратни кўрсатганида вужудидан жон чиқиб кетганда бўлди. Аъзойи бадани музлади. Тили калимага келмай ғудранди. Ғойибданми бир куч топиб, «Танийсизми?» деган саволга «Йўқ», дея олди. Ўғли яна бир нималарни сўраганида ё ҳушидан кетарди ё ақлдан озаорди. Хадича — руҳи ҳаётнинг тегирмон тошлари орасида эзилиб адо бўлган муслима ана шу чегарага келиб қолган эди. Ситамлар уни ҳар сиқувга олганида «Бас, бошқа чидай олмайман», деб ўйларди. Аммо ситамлар келаверарди, у муштипар эса чидайверарди...

«Ватан дарвозалари очилди, Оллоҳ юртимиз йўлини ёритди», деган хабарни эшитганида қувониш ўрнига бир чўчиб тушди. Бшқаларга ота юрт қучоқ очарди. Назарида уни ўлим бетоқат кутарди. Ватан сари босилган ҳар бир қадам ўлим чоҳи сари қўйилгандай туюларди. Ўлим шундай келиб жонини суғура қолса майли эди. Дунёда кўрадиганини кўрди. Худога мингдан-минг нолалар қилди. Муножоти ижобат бўлди — оч қолмади, хорланмади, хўрланмади... Бироқ... яшашнинг лаззати қорин эмас экан. Кўнгли ҳамиша ҳувиллаб турди. Шу Сиддиқбекка никоҳланган куни ўзини осмоқчи ҳам бўлди. Фақат шу Йўлчивойи... шу ўғли кўзига кўринмаганида бу аламлар йўқ эди... Хадича ҳаётдан тўйган, дейиш ноўрин. Эси бутун одам ҳаётдан тўярмиди? Энг оғир шароитда ҳам «балки эртага хайрли тонг отар», деб умид қилади. Хадича бундай тонгларни кўп кутди. Ҳозир ҳам кутади. Бунинг бефойдалигини билса ҳам кутади. Ҳа, у ҳаётдан тўйган эмас. Фақат кўз очиб кўргани билан учрашишдан қўрқарди. Ўлим эмас, ана шу дийдор кўришуви унинг учун даҳшатли эди. Мусофирликда юрганда Худодан унга умр тиларди, бахт тиларди. Юртиг йўл олганида шайтон «Илоҳим, омонатини топширган бўлсин!» деган машъум фикрни миясига урди. Бу фикрдан сачраб кетди. «Астағфируллоҳ!» деб кўкрагига туфлади. Шайтон — шайтон-да, бу фикрни, у қўлидан-бу қўлига олиб, отиб ўйнайверди. Дам-бадам ўйинга Хадичани ҳам тортди. Аёл «Астағфируллоҳ!» деб калима қайтарганида шайтоннинг бадани зириллаб, қоронғи уясига даф бўлди. Кейин яна чиқди... Бу ўйин мана шу ҳовлида Жаҳонгирни кўрганига қадар давом этди.

Уни кўрди-ю, кўзларига ишонмади: кўзлар ўша, қарашлар ўша, овоз ўша. Ўша ораста кийиниш... Фақат пешонасига бирнима ёзилган. Бу нимаси?..

Хадичанинг ўша дамдаги ҳолатини баён этиш мушкул. Ўлимларига рози бўлиб кетди. «Менинг тириклигимни билмасин, кўрган кунимни билмасин, жонимни олақол, Худо!» деб бошини деворга урди. «Жон энам, жон отам, ёнингларга чақирсангиз-чи!» деб нола қилди. Дўзах у дунёда дейдилар. Хадича дўзах ўтига шу дунёнинг ўзидаёқ рўбарў бўлган эди.

Ўғли ҳозир суратни кўрсатгач, дўзах олови яна забтига олди.

Солиҳовни таъқиб этган бир жуфт кўз эгаси мана шу ўтда ёнаётган Хадича эди.

Тўлғоқли кеча

Биринчи бобда Жаҳонгирни шаҳар турмасига кузатган эдик. Алҳол унинг аҳволи-руҳиясидан хабар топиш вақти етди.

«— Мусулмонлар, ахир бу Муҳаммадризонинг пушти камари-ку?! Ношукр бўлманг, раҳматлининг яхшиликларини унутсак кўр бўламиз-ку! Бой, бой, дейсиз, бой бўлиб бизнинг бўйнимизга миниб олмаган эди-ку?! Ўзи ишлаб топарди-ку?!
— Отаси раҳматли яхши одам эди, болаларининг қилиғини кўрдинг-ку! Биттаси қочиб қолди. Бу ҳам бўридай олайиб турибди...»

«— Жаҳонгир Муҳаммадризо ўғли, қишлоқ фаолларини отишда иштирок этганингизни тан оласизми?
— Йўқ, мен отмадим.
— Ҳой, қизил қози биродар, гапига ишонманг, отган.
— Бекор айтяпсан, занғар, Жаҳон йўқ эди уларнинг ичида... Бу ҳам ўзимизга ўхшаган деҳқон бўлса...»

«— Ишчи-деҳқон жумҳурияти номидан...»

Икки қўлини болиш қилиб чалқанча ётган Жаҳонгир кўзини очди. Ухладими ё туш кўрдими ёки йилларнинг чиғириғидан ўтиб келаётган хотиралари уйғондими?

Жаҳонгир шаҳар қамоқхонаси ҳовлисида машинадан тушдию таниш манзарани кўрди. Одам руҳини эзиб чилпарчин қилиб юборувчи ўша тошбино, ўша темир панжарали туйнуклар. Ўша совуқ нигоҳли соқчилар. «Бу ерга яна қайтиш пешонамда бор экан-да. Сўнгги манзилим шу ер экан-да. Бундан кўра озодликда, ўриснинг ўша ўрмонларида ўлиб кетганим дуруст эмасмиди?.. Астағфируллоҳ Ношукр бандангни ўзинг кечир. Ўша ўрмонларда сендан умр тилаган эдим, бердинг. Ниятимга етай дегандим, етказдинг. Ўзингга шукр. Жонимни озодликда олдинг нима-ю,бу тошбинода олдинг нима, бандангга барибир эмасми? Бу дунё азобларидан қутқарсанг бас. Бандангга ўзинг раҳм қил.»

Шу хаёллар билан қамоқхона ичкарисига кирди. Ўша таниш манзара: икки қаватли тахта каравотлар, киртайган кўзлар, рангпар чеҳралар, ўша таниш ҳид — тошдеворнинг зах нафасига қоришиб кетган бадбўйлар.

Бу ернинг таомили ҳам маълум унга: беайблар, биринчи марта тушганлар, бехос жиноят қилиб қўйганлар янги тушган маҳбусга дарров эътибор қилишмайди. Улар ўз дардларига қоврилиб ётган бўлишади. Янги келган одам дастлаб қамоқхона ҳавосини олганлар диққатига рўбарў бўлади. Таомил ўзгармабди: сочи қошигача тушган йигит қўлларини чўнтакка солганча, ўрдакдай лапанглаб келиб унинг қаршисида тўхтади. Безбетларча тикилди. Сўнг Жаҳонгирнинг пешонасидаги ёзувга совуқ бармоқларини теккизди. Йигит «қаршимдаги тирик жон эмас, шунчаки бир матоҳ, уни ушлаб кўришим ҳам мумкин, эзғилаб кўришим ҳам мумкин», деган манманлик фикрида эди. Жаҳонгир бу тоифанинг феълини ҳам, бунақа одамнинг нима қилишини ҳам билади.
— Бу ерингга нима ёзилган? — деди йигит унинг пешонасига чертиб.
— Тишинг ўтмайди бунақа гапларга, — деди Жаҳонгир қўрслик билан.
— Зўрсан-ку! — йигит шундай деб унинг юзига енгил шапатилади.

У янги келган одамни шу зайлда бироз мазах қилмоқчи эди. Аммо улгурмади. Жаҳонгир йирик, бақувват панжалари билан ёқасига чанг солди-да, уни худди бир боғ пичандай нарига улоқтириб юборди. Ёрдамга шошилган икки йигит ҳам шериги ёнига учиб тушди. Уч йигитдан иборат «ғарам»ни жойлаб бўлгач, Жаҳонгир бўш каравотга бориб ётди. Узоқ вақт тош қотгандай қимирламади. Биров унга гапирмади ҳам. Бундан фойдаланган Жаҳонгир майлини хаёллар измига бергач, кўзи илинибди...

Ахир «Ҳой, мусулмонлар!» деган овозни аниқ эшитди-ку? Илтижо билан, дард билан айтилган сўзлар... Инобатга олинмаган илтижо, бефарқ қолдирилган дард. Ўшандаги бефарқ нигоҳлар уни уқубатли айрилиққа кузатган эди. Ҳар қалай ўша дамда шундай деб ўйлабди. Кейин билса, бу нигоҳлар уни бир умрлик азобга кузатган экан. Бу бефарқ нигоҳлар уни ўтиз беш йил муқаддам ўлимга юборган экан. Ўттиз беш йил ер юзида эмас, ўлим дарасида сарсари кезди. Қорни тўқ мушук сичқонни панжалари орасида эзғилаб ўйнаганидай Азроил ҳам уни шу кўйга солди. «Жонингни ана оламан, мана оламан», деб ўттиз беш йил у бурчакдан-бу бурчакка ҳайдади. Мана, ниҳоят, шу манзилга бошлаб келди. Кунда шу тошиморатда. Бош қўйса бас. Шу тошиморат ичида жони кетади. Киндик қони тупроққа тўкилган эди. Юрак қони тошга сачрайди, кейин... тошдан кафан топади. Унинг мурдасини сўраб оладиган яқини йўқ. Бўлганда ҳам беришмаса керак. Ўзлари кўмишади. Кўмишса — хўп-хўп. Ёқиб юборишса-чи? Мурда ўтга кирганда тирик одамдай сакрайди, дейишади. Шуни эсласа, Жаҳонгирнинг бадани музлайди. Ҳозир ҳам шу гап хаёлига келдию қамоқхонада эмас, муз ўликхонада ётгандай сесканди. Қаддини кўтариб, кафтларини икки юзига босди.

Маҳбуслар, бесўнақай гавдали бу одамдан ҳайиқиб қолишганмиди, унга эътибор беришмади. Ҳол-аҳвол сўрайдиган ё танишиб олиш истагида бўлган, ё «ёруғ оламда нима гаплар», деб қизиқадиган кимса топилмади. Бу Жаҳонгир учун муддаонинг ўзи эди. Биров билан гаплашиш у ёқда турсин, Жаҳонгир одам зотини кўрмасам, деган кайфиятда эди. Аммо чора қани, бир тўда маҳбуснинг ичига ташлаб қўйишгандан кейин у нима қила оларди.

У ҳамхоналарига зимдан назар ташлади: ёшда ҳам, шакл-шамойилда ҳам ўхшайсиз бу одамлар тошиморат ичида шундай кунлар бошига тушишини билганми? Бу иморатдан қачон чиқиб кетишади — билишадими? Ташқарида бир коса овқатни кирита олмай сарғайиб турган жигарлари билан қайта кўришиш насиб этадими уларга? Буни ҳеч бири билмайди. Аммо қуёшли оламга қайтиш умиди билан яшайди. Бундай умид фақат Жаҳонгирда йўқ. Бунақа умиднинг пайдо бўлишини истамайди ҳам. Унинг умид-мақсади бир — Парвардигори берган омонатни топшириб, ота-онаси ёнига бориш. Депара авахтасида ётганида қайтиш онлари яқинлигига имон келтирган эди. Бироқ шаҳарлик бу маёр пайдо бўлдию режалари чигаллашиб кетди.

Чироқ хиралашиб, маҳбуслар бирин-сирин каравотларига чўзилишди. Хонада пишиллаш, хуррак овозлари қоришиб кетди. Жаҳонгир бир ўтирди, бир ётди, бир туриб юрди. Беҳаловат кеча унинг назарида анча чўзилди. Назарида энди мутлақо тонг отмайдигандай эди. Бу пишиллаётган, хуррак отаётганлар ҳам тирик одамлар эмас, мурдалар эди. Ётган ери ҳам қамоқхона эмас, эринмай қазилган, ғоят кенг бир гўр эди. Афтидан, Оллоҳ унинг жонидан аввал эс-ҳушини олгану тўппа-тўғри шу гўрга тиққан эди.

Тонгда илиқ сув бўлиб сувга, шўрва бўлиб шўрвага ўхшамаган бир нарсани ичиб бўлгач, уни сўроққа чақиришди. Ўша таниш маёр торгина хонада эринмай сўроқ бошлади. Жаҳонгир сўроққа киришда «Начайник, айбимга иқрорман, ишни судга оширавер», демоқчи эди, маёрнинг саволларидан гангиб гапларини айтолмай қолди. Тергов Жаҳонгирнинг назарида бир-бир ярим соат чамаси давом этди. Маёр худди «иш вақтим саккиз соат, шу сўроқдан бошқа юмушим йўқ, кечга қадар гаплашаман сен билан», дегандай эринмасдан сўроқ қиларди. Бу маёр Жаҳонгирни ўттиз беш йил бадалида калака қилиб келаётган Азроилдан ҳам баттар экан. У ҳам Жаҳонгирни беркинмоқчи бўлган ҳали у бурчакдан, ҳали бу пастқамликдан тортиб чиқариб, ҳақиқат офтобига рўбарў қилаверди. Жаҳонгир бу офтобдан қўрқар эди. Шу сбабли сўроқларга узоқ дош беролмади. Маёр Солиҳов сўроқ охирлаб қолганини ҳис этгач, соқчини чақирди.

Жаҳонгир маҳбусхонага кириб, жойига ёнбошлади. Рўбарўда ўтирган йигит эса гапирайми-гапирмайми, деб иккиланиб турди-да, охири кўнгил сўраган бўлди:
— Тинчликми, ака?

Жаҳонгир ажабланиб унга бир қараб қўйди-да, «Тинчлик», дея пўнғиллади. Йигит «келиб-келиб шу тўнкадан кўнгил сўрайманми», дегандай ўрнидан туриб, нари кетди. Жаҳонгир ўзининг бу қилмишидан пушаймон бўлди. Бир одам яхши ният билан кўнгил сўрабди, далда бергиси келибди. Пўнғиллаши нимаси эди! Бироқ бу ҳолда Жаҳонгирни айблаш ҳам ўринсиз. Тегирмон тошлари орасидан ўтиб, бир мўъжиза билан тирик қолган одамни тасаввур этинг-а? Жаҳонгир ҳозир сўроқдан эмас, айнан тегирмон тошлари орасидан чиқиб келиб «Тирик қолганим чинми?» деб тургани эди. Унга бир оғиз гап ҳам ортиқча эди. Шу бир оғиз гапни қўшни каравотдаги йигит айтиб қўйди. Бошқа пайт бўлганида Жаҳонгир гапни маромига буриб унинг кўнглидаги хижилни ёзиб юбориши ҳам мумкин эди. Ҳарҳолда Жаҳонгир йигит ўйлаганчалик тўнг эмас, вақтида улфат кўрган одамлардан эди. Лекин ҳозир йигит кўнглини юмшатишга ҳоли етмади.

У икки қаватли тахта каравотларни, шарпадай рган, ўтирган, ётган одамларни кўргиси келмай кўзини юмди. Юмдию тахта каравотлар оралаб шарпадай юрган, ўтирган, ётган одамлар ўрнида қаттиқ тикилиб турган маёр пайдо бўлиб, терговни бошлаб юборди:

«— Муҳаммадризаев, тўғрисини айтинг, нима учун терговни чалғитмоқчи бўляпсиз. Сизни қўрқитишдими?
— Ким қўрқитади? Одам ўлимдан кўрқади. Мен эса ўлимдан қўрқмайман.
— Шунинг учун айбни бўйнингизга оляпсизми?
— Худодан яширмаган сирни сиздан яшираманми?
— Сиз кўп жабр тортган экансиз. Бу ҳақданми ё ноҳақданми ҳозирча билмайман. Лекин...»

Жаҳонгир кўзини очди. «Ҳозирча билмайман...» Ҳа, шундай деди маёр. Лекин Жаҳонгир ўша тобда бу гапга кўп ҳам аҳамият бермаганди. «Ҳозирча...» Нима демоқчи? Ҳали ўттиз беш йиллик гапни, ўттиз беш йиллик эски пахтани титиб кўрмоқчими? Нимага? Кимга керак экан бу ҳақиқат? Биз сизни ўттиз беш йил ноҳақ азоблаган эканмиз, дегани билан умри қайтиб берилармиди? Суйган хотини, хориж йўлида киндик қони тўкилган ўғли бағрига қайтадими?.. «Ишчи-деҳқон жумҳурияти номи билан...» Бехос миясини зириллатган бу гап тошиморатни ҳам ларзага солгандай бўлди. Тош деворларга тегиб жаранглаган бу гап миясига қайтиб урилиб, товонигача зирқиратиб юборди.

«Ҳали Худо олдида гуноҳим кўп экан. Оллоҳ суйган бандаларини бу дунёда обдан қийнаб, гуноҳини тўкиб, сўнг у дунё бағрига олади, дейишарди. Отамнинг хунини олмаганим учун Худо гуноҳимдан кечмаяпти. Гуноҳларим тўкилиб битганда ўша қишлоқ авахтасидаёқ омонатимни топширардим. Гуноҳим кўп экан ҳали... Ё Тангрим! Ҳеч бир бандангни бунчалик қийнама. Омонатингни олгинг келмаётган бўлса нима қилай, айт. ўз жонимни ўзим суғуриб олайинми?! Наузубиллоҳ! Ўзинг асра бундан, Тангрим, шайтон йўлидан ўзинг қайтар. Ўзинг берган омонатни ўзинг қайтариб ол. Сен берган неъматга мен хоинлик қилолмайман...» Жаҳонгир шундай деб калима қайтарди.

Дастлаб турмага тушганидан бери неча марта жонига қасд қилишни ўйлади. Ўрусиянинг совуқ ўрмонларида, Германиянинг ҳашаматли шаҳарларида юрганида ҳам бу фикр кўнглига ғулғула солган, аммо шайтон йўлига кирмаган, Яратган берган омонат жонига хиёнат қилмаган эди. Шунча азобга чидаб келиб, энди, сўнгги қадам қолганда хиёнат қиладими? Йўқ!

Жаҳонгир ўнг ёнбошига ағдарилди. Жангоҳни зулмат қанотлари билан босиб турган қоронғулик бағрини тилганча ёруғ излар қолдириб учаётган ўқлар каби хаёллари унинг қоронғу миясини нишонга олган эди. Маёрнинг ҳар бир саволи ўша ўқ мисол зулмат қаъридан отилиб чиқар эди.

«— Сиддиқ Шарипов билан қаерда танишгансиз?
— Мен бунақа одамни танимайман.
— Аниқ эсланг: Дайдидарадаги ҳодиса эрталаб юз берганми ё оқшомда?
— Эрталаб ҳам, оқшомда ҳам эмас, кундузи.
— Милтиғингизнинг номи нима эди?
— Ов милтиғи...
— Милтиқ турларининг ўзига яраша номи бўлади.
— Номини билмайман.
— Милтиқни қаердан олгансиз?
— Отамдан қолган. Эски милтиқ эди.
— Ўқ марҳумнинг қаерига теккан?
— Билмайман.
— Муҳаммадризаев, ўзингизни гўлликка солсангиз солаверинг, бироқ бизни бефаҳм деб ўйлманг. Ҳарҳолда биз милтиқ ўқи билан тўппонча ўқининг фарқига борамиз. Ўқ орқадан отилганми, юзма-юзми, буни ҳам ажрата биламиз.
— Начайник, ўзингизни қийнаб нима қиласиз, қўрқманг, судда тонмайман гапимдан. Менга ачинмай қўя қолинг.
— Ачинмай қўя қолинг? Мен сизга эмас, марҳумга ачиняпман.
— Унга ҳам ачинманг, арзимайди.
— Арзимаслигини сиз қаердан биласиз, уни танирмидингиз?»

Шу савол берилганда Жаҳонгир илинганини сезди. Маёр «марҳумга ачиняпман», деганида индамай қўяқолмасдан «унга ҳам ачинманг», дейиши нима эди?! «Марҳумларга ачиниш керакмас, дуои фотиҳа зарур уларнинг руҳига», деб қўя қолмайдими? Шундай дейишга деди, аммо фурсатни ўтказиб, «уни танирмидингиз?» деган сволдан сўнг айтди. Қирғийкўз маёр анойи эмас, илинтириб олди. Ҳали «ачинишга арзимайди», деган гап атрофида кўп айлантиради. Жаҳонгирга буларнинг феъли маълум.

Жаҳонгир авваллари инсон тақдирига бефарқ қараганлври учун бу терговчилардан нафратланар эди. Энди эса аксинча бўляпти ҳақиқатни очишга интилаётган маёрни кўрарга кўзи йўқ. «Энди бу ҳақиқатларнинг менга нима кераги бор, — деб ўйларди у, — ҳаётимни барбод қилишган бўлса, бу дунёдан илинжим қолмаган бўлса...»

Жаҳонгир минг бир хаёл қуршовида уйқуга кетди. Уйқу бошқаларга ором улашса, унга азоб беради. Кўзи уйқуга кетиши билан миясига уя қуриб олган кўрган-кечирганлари кўршапалакдек уйғониб, уни ҳар кўйга солади. Арвоҳлар билан гаплашади, иблислар қанот чиқариб уни учирадилар, осмонга олиб чиқиб чумчуқ патидай ўйнайдилар.

Айниқса, қамоқдаги тунлар беором кечади.

Бу сафар иблислар уни холи қўйишди. Кўзига Дайдидарадаги ўша чинор кўринди. Чинор... барглари битта қолмай тўкилган. Шамол бу баргларни қайгадир учириб кетган. Атрофда шиша синиқлари. Дарахт остида кимдир ўт ёқиб унинг танасини одам сиғадиган даражада ўйиб юборган.
— Сизга озор етибди, Чинор бобо, — дейди Жаҳонгир, — менинг бағрим ҳам сизнинг куйган танангиздек ўйилиб кетган. Ўшанда баргингизни тўка қолганингизда бу кўргуликлар йўқ эди менга. Айтинг энди, бу бошга яна қандай савдолар тушади?

Чинор жавоб бермайди, қайғу билан тебранади. Танасидаги ўйиқ — гўё унинг оғзи. Тили эса суғуриб олинган...

Тепадан овоз келди. Жаҳонгир шошиб қарайди: йўғон шох устида Зокирхўжа ўтирибди. Қўлида тасбеҳ.
— Эҳтиёт бўлинг, йиқилиб тушасиз, — дейди Жаҳонгир унга.

Шундай дейиши билан шох қарсиллаб синиб, Зокирхўжа тўғри Жаҳонгирнинг устига қулайди...

Нафаси қайтиб, терга пишган Жаҳонгир чўчиб кўзини очди: қамоқхона ҳали ҳам тун ҳукмида. Бир неча маҳбус ким ўзарга баралла хуррак отади. Ташқаридаги қадам овозлари соқчиларнинг бедорлигидан дарак.

Жаҳонгир кўп йиллардан бери Зокирхўжани эсламас эди. Биринчи марта қамоқ жафосига учраганида ҳамдард бўлган бу одамнинг жасади узоқларда қолиб кетган. Бир умр Оллоҳ йўлида хизмат қилган бу муслимга кафан, жаноза насиб этмади. Жаҳонгир Зокирхўжани ҳар эслаганида «Мусофирликда олтин топиш осон, жон таслим қилиш қийин», деб қўярди. Аслида бу — Зокирхўжанинг гапи. Танаси кафан кўрмаган, лаҳад кўрмаган муслимнинг гапи. Қулоғига Оллоҳ номи билан азон айтилган, «Оллоҳ», деб тили чиққан, умр бўйи тоат-ибодатда бўлган муслим жанозасиз кетди. Инсон боласи бошига турли кулфатлар тушиши мумкин. Бу дунё азобларини беҳад кўп тотиши мумкин. Лекин, Жаҳонгирнинг назарида кулфатларнинг энг бешафқати ўша Зокирхўжага насиб этди. «Бир ҳовуч она тупроққа зор бўлиб, кўз юмишни ҳеч бир бандага насиб этмасин». Бу ҳам Зокирхўжанинг гапи.

Одамнинг бир елкасида шайтон, иккинчисида фаришта ўтиради, дейдилар. Шайтон Жаҳонгирга:
— Аканг бир ҳовуч тупроққа зор бўлиб ўлади, — дейди.

Фаришта эса:
— Акангни туз-насиб тортиб келади. Худо унинг жонини сенинг қўлинг билан олади, — дерди.

Шайтон ҳам, фаришта ҳам алдади.

Шу алдовга учратгунча ўшанда Зокирхўжа ўрнига унинг жонини олмайдими... «Астағфируллоҳ!» Жаҳонгир яна калима қайтарди. Хаёлини чалғитмоқчи бўлди. Бироқ Зокирхўжадан узоқлаша олмади...

...Жаҳонгир темир панжарали дарчаси бор вагонга чиқаётганида қаёққа кетаётганини билмаганди. Похол тўшалган вагон ичи сассиқ эди, кишининг нафаси қайтиб кетарди. Эшик қарсиллаб ёпилгач, ичкари димиққандан димиқди. Жаҳонгир битга таланиб ётиб, тонгга яқин кўзи илинибди. Уйғонса — поезд тўхтаб турибди. Маҳбуслар уйқуда. Вагон ичи нимқоронғу. Жаҳонгирнинг назарида тонг отган-у, бироқ, темир панжарали дарча ташқаридаги ёруғликни тўсиб турганга ўхшади.

Жаҳонгирнинг ёнгинасида бир одам чордана қуриб ўтириб олибди. Унинг кимлигини фарқлаш мумкин бўлмади. Унинг пичирлашидан ажабланган Жаҳонгир диққатини жамлаб, қулоқ тутди. Нотаниш одам унинг қулоқ тутганини фаҳмлагандай овозини пича кўтарди:
— Ё Оллоҳ, билиб-билмай, тушуниб-тушунмай, шайтон йўлига кириб, тўғри йўлдан озиб, иймондан, виждондан, инсофдан чекиниб қилган гуноҳларимни ўзинг кечир. Акам билан дийдорлашиш қиёматга қолди энди. Ё Оллоҳ, акамга ёруғ юз билан рўбарў қил. Акам тўғри йўлдан озган эди, ўзинг кечир унинг гуноҳларини. Ҳали тавба қилмаган бўлса охир-оқибат барибир тавба қилади. У кўрмаганларни мен кўрдим. Шу пайтгача акам олдида гуноҳкорман, деб юрардим. Иншооллоҳ, ҳақ эканимни кўзим тириклигида кўрсатдинг. Энди ўлсам армоним йўқ. Ё Оллоҳ, мен сендан жаннатдан жой сўрамайман. Шу таъмада сенга сиғиниб юрган бўлсам, албатта дўзахдан жой бер менга. Бу дунёда кўрган роҳатларим эвазига дўзах азобларини тортай. Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга айтган сўзларингга амал қилиб келдим. Гуноҳларим бўлса ўзинг жазо бергайсан. Бу дунёда қолаётганларнинг иймонини бер, гўдакларнинг раҳмини е. Бу қиёмат азобларига гўдакларни дучор қилма...

Жаҳонгирнинг уйғониб, ўғринча қулоқ тутиб ётганини сезиб, норози бўлгандай энди пичирлашга ўтди. Сўнг юзига фотиҳа тортди. Лекин шундан кейин ҳам ўрнидан жилмади. У кўзини бир нуқтага тикканча қотиб ўтирарди. Жаҳонгир овоз чиқариб уни чақиришни ҳам, индамай ётаверишни ҳам билмай гаранг эди.

Нотаниш одам — Зокирхўжа эди. Жаҳонгир ўша куни тонг отиб, поезд жилгач, у билан танишди. Бироқ эрта саҳардаги ибодатдан сўз очмади. Тонгги муножотнинг сабабини Зокирхўжа анча кейин, ўлими ҳақ эканини фаҳмлаганда айтиб берди.

Ўша тонгда у узлатга чекинган эди. Зокирхўжа тун қоронғусида бир чимдимгина ухлади. Ана шу бир чимдим уйқусида акаси билан учрашди. Ҳибсга олинганидан бери тушларида кўп кўрди акасини. Тушида кўрганида ҳам, хаёлида тирилтирганида ҳам акаси билан кўп баҳслашар эди. Бугун... акаси индамади. Оғзини очиб гапирмоқчи бўлди-ю, гапиролмади. Зокирхўжа акасига қараб қўрқиб кетди — унинг тили кесиб ташланган эди... Шу қўрқув билан уйғониб, Оллоҳга сиғинганича мозийга чекинди. Қотиб ўтириб ўша сўнгги учрашувни эслади...

Кўнгил яраларига малҳам бахш этишга қасд қилган кўклам далалар, қирларни уйғотиб тоғнинг гадой топмас сўқмоқларигача етиб келди. Йигирманчи йилнинг баҳори йигирма беш ойдан бери иссиқ гўшасидан йироқларда яшаётган одамларга ташвишли хабар етказди. Баҳорга чиқиб, бирлашиб, ғанимларга сўнгги зарба берилишини кутаётган ислом лашкарлари амиралмуслимин Мадаминбекнинг қизиллар билан сулҳ тузганини эшитиб, ҳайратдан донг қотдилар. Ўтган баҳор мўъминларга ваъз айта туриб, «Аҳли муслим, ер юзин лолазор тутди деманглар, бу шаҳидлар юрагидан оққан қондир. Муқаддас лолазорни кофирлар қадами топтар экан, ёруғ дунё бизга ҳаромдир», деган Зокирхўжа бу хабарни эшитганидан бери ўзига келолмайди. Назарида ўша ондан бошлаб қуёш ҳарорат эмас, совуқ нафас уфураётгандек вужуди музлайди. Ўн кун илгари ечиб ташлаган пўстинига ўралиб титрайди. Бугун ҳам шу ҳолда ўтирганида навкар кириб, қўрбоши чорлаётганини айтди.

Қўрбоши ёлғиз эди. Зокирхўжа чорловнинг сабабини билмай ажабланди.
— Биз ёқларга Мадаминбек қадам ранжида қиляпти эмиш, — деди қўрбоши.
— Келсалар бош устига, — деди Зокирхўжа. — Мақсадлари нима экан?
— Англамадингизми? Унинг мақсади битта — барчамизни қул қилиш.
— Алқисса... сулҳга даъват этиб келяптиларми?

Қўрбоши жавоб бермади. Тиззаларини уқалаб узоқ ўтирди.
— Нима қиламиз? — деди у ниҳоят. — Сулҳ тузамизми биз ҳам?

Зокирхўжа дафъатан жавоб бера олмади. У бу ҳақда кўп ўйлаган эди. Сулҳ — бегуноҳ қонлар тўкилмагининг олдини олади. Элга осойишталик берилади. Аммо кейин-чи? Ана шу «кейин-чи?» деган саволга жавоб тополмай боши қотар эди.
— Сулҳ тузсак, йигитлар иссиқ ўринларига қайтишади, ўлим бўлмайди. Бу Худога ҳам маъқул иш, — деди қўрбоши ўз саволига ўзи жавоб бериб. — Лекин бу даюслар ўз ҳолимизга қўйишармикин? Исломни оёқости қилишмасмикин? «Алҳамдулиллоҳ, мусулмонман», дегувчи тиллар кесилмасмикин? Ғайридинларга нима керак? Бизнинг осойишталигимизми? У ҳолда не сабабдан бизга қилич тортдилар? Неколайни ўлдирдилар. Унда ҳам талатўп. Унда ҳам осойишталик зарур. Бизга жон куйдирмакларининг боиси нима? Мадаминбек буларни ўйламадими экан? Гапиринг?

Қўрбошининг сўнгги амри таҳдидли эди. Шу боис Зокирхўжа бироз саросималанди.
— Саволларингизга жавоб бермакка ақлим қосир, — деди паст овозда.
— Бекнинг ақли қосир эмас, нима қилишини билади. Унинг мақсади менгагина аён эмас. У бир қанотимизни узиб ташлади. Энди бир қанот билан учиб бўлмайди. Хўш, йигитларга изн бериб юборайми ё Қашқарга кетиб пайт пойлайинми?
— Қашқарга кетмоқ... шармандалик юки билан кетмоқ... Юртни ташлаб-а? Пайт пойласангиз янги қанот ўсиб чиқармикин?

Бу гап қўрбошига малол келди. Зокирхўжага ўқрайиб қаради;
— Боринг, ҳозирлигингизни кўринг. Мадаминбекни пастдаги қишлоқда қарши оламиз. Қароргоҳимизга келиб бу ерларни булғаб юрмасин.

Зокирхўжа қўрбошининг бу қароридан билдики, унинг нияти бузуқ. Бир шумликни дилига туккан. Пастга тушиб қишлоқ атрофига қўйилган пистирмаларни кўргач, Худодан қўрбошига инсоф тилади. Мадаминбек билан келган одамлар орасида акасини кўриб, адашганларга раҳм этишни сўраб Оллоҳга нолалар қилди.

Қўрбоши ғазабини ҳам нафратини ҳам яширмади. Мадаминбек шундай бўлишини олдиндан билганми, бу ғазаб, бу нафратни майин жилмайиш билан енгмоқчи бўлиб қўрбошининг изидан уйга кирди. Зокирхўжа уларга эргашмай, бир нафас ҳаяллади. Акасини четга тортиб шивирлади:
— Одамларингиз шугинами?
— Ҳа. Биз сулҳга келдик, ҳаммамиз қуролсизмиз.
— Тезда кетинг бу ердан. Ҳеч ким омон қолмайди. Сулҳга умид қилманг.

Зокирхўжа шундай деб ичкари кирганида қўрбоши Мадаминбекка дағдаға қилмоқда эди:
— Эркимизни ўзимизга берадиган бўлса, икки йил қилич чопармиди? Йўқ, бек, агар шу ваъдаларга инонган бўлсангиз лодонсиз. Агар шу гапга ишонсак, невара-чевараларимиз бизни қарғаб ўтадилар. Бу гапга ишонгандан кўра, битта қолмай қирилиб кетсаларинг бўлмасмиди, дейдилар. Сен лодон эмассан, бек, сен — хоинсан!! Сенинг бошингни ўз қўлим билан узаман. Бу дунёда кўп гуноҳлар қилдим. Энди Худо йўлига бир савоб қилай...

«Музокара» деб аталмиш бу учрашув кутилмаганда тез тугади. Мадаминбекнинг айтар гаплари ўзи билан кетди. Ким ҳақ, ким ноҳақлиги сир бўлиб қолди. Зокирхўжа ташқарига чиқиб Мадаминбекнинг чопиб ташланган одамларини кўрди. Шаҳидлар орасида акасини топмай, кўнгли бир қадар тинчиди. Акасининг пистирмаларни доғда қолдириб, қишлоқдан қандай чиқиб кетганини билмайди. Қўрбоши Қашқардан паноҳ топиб, ўзи эса уйига қайтгач, акасини бир мартагина кўрди. «Миннат бўлмасин», деб ўша машъум кечани эсламади.

Зокирхўжани ҳибсга олганларини акаси кўрди. Бироқ орага тушмади. Бир оғиз гапирмади ҳам. Айтиладиган сўзлар қиёматга қолди. У шундан аламда.

Совуқ ўлкада терламадан ҳолдан кетиб жон таслим қилаётган Зокирхўжа умрининг бир чимдими ҳақидаги ҳикояни Жаҳонгирга айтиб берган эди. Бошга тушиб кўз кўрган ўзга воқеаларни эса хотирасининг зимистон чодирига ўраб ер бағрига ўзи билан олиб кетди.

Зокирхўжанинг совуқ ўлкадаги бир неча кунлик умри, бир чимдим ҳикояси неча йиллардан бери Жаҳонгир билан тирик юрибди. Жаҳонгир Зокирхўжанинг омонат гапларини топширай деб унинг акасини икки марта қидирди. Биринчи гал учрата олмади — узоқ сафарда экан. Иккинчи марта хунук хабар эшитди — Миршаропов билан бирга қамоққа олиниб, отиб ташланибди — у халқ душмани экан...

Жаҳонгир ҳозир ана шуларни эслади. «Зокирхўжа акасига сўнгги сўзини айта олмади. У ҳам шундай бўлгандир. Қизиқ, акаси қўлига кишан урилганда Зокирхўжани ёдга олдими? Орага тушиб укасини қутқариб қололмаганидан ўкиндими? У дунёда ака-ука учрашиб нималарни гаплашдилар экан?..» Шу саволдан Жаҳонгирнинг юраги ҳапқирди. Ўзлари-чи? Ҳадемай у дунёда дийдор кўришганларида нималарни гаплашадилар?

Сасиб кетган қамоқхонада бедор ётган Жаҳонгирнинг миясини шу саволлар кемирар эди.

Сиртмоқни ким ташлаган?

Парда-девор ортидаги аёл кўнглидан кечган гаплардан бехабар маёр Солиҳовни Қирқбел қишлоғида нималар кутяпти экан?

Кечаси билан эзиб ёққан қор аралаш ёмғирдан сўнг ийиғи чиққан йўлдан машина юра олмади. Йўл тиккалагани сайин ғилдираклари чирпирак бўлиб айланиб, лойга ботиб қолаверди. Бу аҳволда Қирқбел қишлоғига етолмаслигини сезган маёр Санжар Солиҳов машинадан тушди. Капитан Жабборов ҳам ноилож унга эргашди. Капитан эҳтиёт бўлиб қадам босишга қанчалик ҳаракат қилмасин, бирпасда оёғидаги ботинка лойга ботди. Этик кийиб олмаганидан афсусланди. «Йўлнинг бунақалиги тушимга кирибдими», деб ўзини ўзи оқлади. Ҳарбийчасига катта-катта қадам ташлаётган маёрга етиб юриш қийин эди. Маёрнинг юриши аслида шундайми ё атай тезлаб кетяптими, Жабборов билолмади. Маёр орқада келаётган ҳамроҳига қарамасди. Унинг хаёли турмада ўтирган Жаҳонгирда эди. Феъли, хатти-ҳаракати бир-бирига ўхшаган жиноятчини топиш қийин. У Жаҳонгирга ўхшаган нусхани шу пайтгача учратмаганди. Пешонасида ёзуви бор бу одам уни алдаб қоронғи ғорга киритиб юборгандай эди. Солиҳов Жаҳонгир билан бўлган сўнгги суҳбатни ўйлаб борарди. Жабборов эса буни бошқача тушуниб «Мен билан гаплашгиси йўқ экан, нима қиларди тинчимни бузиб», деб ўйлади. Беш қадамча орқада қолиб келаётган Жабборов бир оз нафас ростлаб олиш мақсадида маёрни гапга тутди:
— Ўртоқ маёр, бу қишлоққа аввал ҳам келганмисиз?

Солиҳов тўхтаб орқасига ўгирилди.
— Йўқ, биринчи келишим, — деди у, Жабборовнинг мақсадига тушунмай. — Нимага сўраяпсиз?
— Юришингизга қараб, йўлни биларкансиз, деб ўйлабман.
— Бу атрофда бошқа йўл кўрмаганим учун тикка боряпман.

Икки чақирим йўлни ит азобида босиб ўтишди. Яхшики, қишлоқ совети раисининг хонаси иссиққина экан. Ҳали қайноғи ўлмаган чойдан бир пиёла ичиб, онадан қайта туғилгандай бўлишди.

Раис Солиҳовнинг гапларини эшитгач, у кўрсатган суратларга диққат билан тикилди.
— Мана бу одамни кўрганман. Асли шу қишлоқлик деб эшитувдим. Лекин ўзи билан ҳамсуҳбат бўлмаганман. Бу одамни эса... — раис марҳум Шариповнинг суратига ажабланиб тикилди, — кимгадир ўхшайди, йўқ, танимадим бунисини.
— Бу одамнинг исми Жаҳонгир. Ёши эллик олтида. Туғилган ери шу Қирқбел қишлоғи. Уни ким таниши мумкин?
— Уними?.. Дамин ака. Қишлоққа келса, Дамин аканикига қўнар экан. аммо-лекин... Дамин ака ҳам ўтириб чиққан. Бир балоси борми, дейман буларнинг. Чақиртирайми?
— Ҳа, тезлик билан одам юборинг, — деди Жабборов. — Битта одам қўшиб берсангиз ўзим олиб келаман.
— Йўқ, тўхтанг, — деди Солиҳов Жабборовга қараб. — Бу ерга олиб келсангиз ундан гап ололмайсиз. Ўзим бораман. — Маёр шундай деб раисга ўгирилди. — Дамин ака деганингиз ким, нимага қамалган.
— Қишлоқда муаллимлик қилган, дейишади. Уруш арафасида қамашган. Ман этилган китобларни тарғиб қилар эканми-эй. Хуллас, аксилинқилобий ишлар билан шуғулланган.
— Айбини ўзингиз ҳам аниқ билмас экансиз.
— Тўғри, билмайман. Мен бу қишлоқда янги одамман.
— Унда йўл кўрсатинг. Дамин аканикига ўзим кириб чиқаман.
— Малол келмаса, мен ҳам борсам? — деди Жабборов пичинг оҳангида. Маёр унинг «Ҳўв, акахон, биз ҳам юрибмиз орқангиздан эргаши-иб», демоқчи эканини тушунди.
— Сиз... — Солиҳов унга жавобан «ботинкангизни қурити-иб ўтиратуринг», демоқчи эди, бироқ бегона одам олдида мулзам қилишни истамади. Қуруққина қилиб: — Юринг бўлмаса, — деб қўйди.

Дамин ака деганлари қишлоқнинг адоғида яшар экан. Қишлоқдаги уйлар елкама-элка турган одамлардай ёнма-ён қурилган, томлари томларига уланиб кетган. Дўнгликка қурилган бу уй эса худди моховларнинг бошпанасидай ажралиб турарди.

Томига қалин лой бостирилган, деворлари анча нураб қолган ўйнинг эшигини Солиҳов аста тақиллатди. Дам ўтмай эшик ғижирлаб очилиб, остонада жиккакдан келган, кўзлари чақчайиб турган одам кўринди. У нотаниш, кутилмаган меҳмонларга бир нафас ажабланиб қаради-да, тараддудини ошкор этиб қўймаслик учун уларни дарров ичкарига таклиф этди. Даминнинг жуссаси кичик бўлгани билан овози гулдиракдай эди. Бу овозни эшитиб, бу жуссани кўрган одамнинг ажабланмасдан иложи йўқ эди. Солиҳов ҳам ана шу ажабланиш билан унинг изидан ичкари кирди.

Иморат ташқаридан мунғайиб кўрингани билан, ичкариси ораста эди. Токчаларга китоблар тартиб билан терилган. Тахмоннинг ярмига етиб-этмай кўрпа тахланган. Уй тўридаги сандалга ёпилган бироз уринган кўрпа устига озода дастурхон ёзилиб, гулдор патнис қўйилган. Хонада булардан бўлак кўзга ташланувчи жиҳоз йўқ. Хонанинг орасталиги уй эгасининг нозик таъбидан дарак бериб турарди.

Поябзаллар ечилгач, мезбон уларни танчага таклиф этди. Меҳмонлар жойлашиб ўтириб олишгач, у дафъатан:
— Сизлар энкеведеданми? — деб сўради.
— Мен област жиноят қидирув бўлимиданман. Бу киши — капитан Жабборов, раёндан. Қизиқ... бизни қаердан билдингиз?
— Кўзларингиз айтиб турибди. Айниқса, бу кишиники. Табиб табибмас, бошидан ўтган табиб дейишади-ку? Сизларга ўхшаганларни хўб кўрдим. Олам тинчиди, деб шукр қилиб ўтирсам, ҳали мени унутмабсизлар-да, а? Бу дейман, қолган-қутган гуноҳларимни титкилиб топганга ўхшайсизлар.
— Дамин ака, сизнинг гуноҳингизни излаб келмадик. Бир юмуш юзасидан безовта қилиб ўтирибмиз. Дайдидарадаги қотилликни эшитгандирсиз?
— Ҳа... — Дамин шундай деб уф тортди. — Жаҳонгирни қамабсизлар, эшитдим. Жаҳонгир меникига келиб турарди. Буни айғоқчиларингиз етказишган, албатта. Ҳаммаёқда айғоқчиларингиз урчиб ётибди. Лекин айтиб қўяй, Дайдидарадаги ишдан бехабарман.
— Биз сиздан гумонсирайётганимиз йўқ. Айрим нарсаларни аниқлашда ёрдамингиз керак, — деди Солиҳов.
— Ёрдам бермасам-чи? — деди Дамин унга тик қараб.
— Бу энди виждонингизга ҳавола.
— Шунақами? — Дамин тиз чўкиб, қўлларини патнисга тираб, Солиҳов томон сал энгашди. Бўйин томирлари ўйнаб кетди. Шу туришида ўлжасига ташланишга шай турган қоплон важоҳатига кирди. — Виждонимг ҳаволами? — унинг овози титраб чиқди. — Мени обориб тиқиб қўйганларингда виждондан гапирмаган эдиларинг. Мен нима учун саккиз йил ўтирдим? Жулқунбойни одамларга ўқиб берганим учунми? Хўш, Қодирий душман эмас экан-ку? Оқланди-ку? Ёқиб юборган китобларинг зарарли эмас экан-ку? Булар кимнинг виждонига ҳавола? Дайдидарада бир чолни отишибди. Қотилни излаб юрибсанлар. Қодирийларни отганларни ким қидиради, ким жазолайди? Менинг кўз олдимда жарга олиб чиқиб отишарди одамларни. Гуноҳларини билмай кетишди у бечоралар. Бу қабоҳат кимнинг виждонига ҳавола?! Сувдан қуруқ чиқасанлар ҳаммаларинг. Бор гуноҳни мўйловга тўнкаб ўзларинг фариштадай юрибсанлар.

Овозда пайдо бўлган титроқ бутун баданга кўчди. Солиҳов «Майли, дардини тўкиб олсин, кейин гаплашиш осон бўлади», деб индамай ўтирди. Жабборовнинг кўнглига эса ғулғула тушди. Назарида Дамин айнан уни айблаётгандай, ҳозир унинг ёқасидан олиб «Барча бегуноҳларнинг қотили шу», дея айюҳаннос соладигандай эди. Жабборов Даминга ҳам бироз ҳадик, ҳам бироз нафрат билан қараб қўяр эди. «Менинг қўлимга тушганингда омон чиқмасдинг, ғаламис, — деб ўйларди у. — Гапириб ол, кунинг туғди. Ҳали биз гапирадиган замонлар ҳам яна келиб қолар. Сендақаларнинг тухумини қуритиб юбориш керак эди. Ҳечқиси йўқ, шундай кун ҳам келади...»

Дамин ҳаяжонга берилиб сўзини йўқотди. Солиҳовнинг хотиржам ўтириши таъсир этиб, жойига чўкди. Чуқур хўрсинди.
— Дамин ака, ҳўлу қуруқ баравар ёнди, биламан. Сизга тасалли бермоқчимасман. У кунларни унутинг, деёлмайман. Вақти келиб айбдорлар юзага чиқишади. Лекин биз ҳозир Дайдидарадаги қотилни топишимиз керак. Вазифамиз шу.

Бу гапдан кейин орага сукут чўкди. Дамин кўрпанинг бир четини кўтариб оташхонадан чойнакни олди-да, чегаланган пиёлага чой қуйиб Солиҳовга узатди.
— Айбга буюрманг, иним, жаҳл келса, ақл кетади. Шунақада одамгарчиликни унутиб қўяркансан. Бир томони қаричилик, бир томони ўтмиш... Шу уйда қишлоқнинг каттаю кичига тўпланарди. Мен уларга Отабек билан Кумушнинг қисматини ўқиб берардим. Қайта-қайта ўқирдим, бироқ барибир келаверишарди. Бир куни оқшомда икки киши бостириб кирди. Қўлимдаги китобни тортиб олишди. Токчадан ҳам бир-икки китобни саралаб олиб одамларнинг кўз ўнгида ёқишди. Отабек ҳам, Кумуш ҳам оҳ уриб кўз ўнгимизда ёнди-я! Вой, китоб кўр қилгурлар-эй, дейман, мен-ку унсур эканман, китобда нима айб? Унинг ичида эртак, достон бор, алифбе бор-а!? Мана, Жулқунбойни қайта чиқаришибди. Ўқимасам ҳам бўларди, чунки ҳар бир ҳарфи ёд бўлиб кетган манга. Лекин қизиқиб ўқидим. Кўп жойларини тушириб қолдиришибди. Бу қанақаси бўлди? Ёзувчини оқлаганинг нима-ю, ёзганини қайчилаганинг нимаси? Шундан бўғилиб ўтирган эдим, сизлар кириб келдингиз... Айбга буюрманглар. Ана энди сўрайдиганингизни сўранг, ҳовурим бироз босилди.

Солиҳов ён чўнтагидан иккита сурат чиқариб Даминга узатди. Дамин марҳум Шариповнинг суратига узоқ тикилди.
— Кимгадир ўхшатяпман.
— Уни кўрганмисиз? Балки Муҳаммадризаев билан бирга келгандир?
— Йўқ, Жаҳонгир ёлғиз келарди. Бу одам... оқсамайдими? Чап оёғи сал калтамасми?

Солиҳов елка қисди: буни суриштириб кўрмаган эди. Дамин жағини силаб яна суратга тикилди.
— Оламгирга ўхшаб кетади.
— Кимга?
— Жаҳонгирнинг акаси бўларди. Ота бир, она бошқа. У Жаҳон қамалган йили четга қочиб кетган. Ўликми, тирикми, дараксиз эди. Қош-кўзи ўхшаб турибди. Агар оқсоқ бўлса, шу — Оламгир. Бу одам ҳам керакми сизларга?
— Дайдидарада ўлдирилган шу киши. Лекин унинг исми Оламгир эмас — Сиддиқ Шарипов. Туғилган ери — Юсуфхона. Шунақа қишлоқни эшитганмисиз?
— Йўқ, эшитмаганман, — деди Дамин бош чайқаб. — Дайдидарада нима бор экан унга?
— Шуни аниқлашимиз керак-да. Дамин, ака, тўртинчи ё бешинчи октябрда Муҳаммадризаев уйингизга келмаганмиди?
— Жаҳонгирми? Келган эди. Нима, ростдан ҳам уни қотил демоқчимисиз?

Солиҳов Жаҳонгирнинг қотилликни бўйнига олаётганини айтиб ўтирмай «Шунақа гумон бор», деб қўя қоди. Дамин пешонасига шапатилиб, бош чайқади.
— Вой шўрпешона, пешонанг бунча шўр бўлмаса, ошнам, энди бу кўргулик бормиди сенга?! Уни уч марта қуруқ гумон билан қамадиларинг. Битта тирик жонга шунинг ўзи етмайдими?
— Дамин ака, гумонга ишониб беайб одамни жазоламаслик учун бу томонларга келиб юрибмиз.

Дамин «бу одамларга ишонса бўлармикин», дегандай кутилмаган меҳмонларга бир-бир қараб олди.
— Жаҳон билан болаликдан ошнамиз. Менинг саводимни шу ошнам чиқарган. Мадраса кўрган аллома йигит эди. Жамиятларингга кўп фойдаси теккан бўларди. Отасини кимдир кечаси отиб қўйган. Бир куни, шунақа кеч куз эди, оқшомда талатўп бошланди. Беш-ўн киши отилди. Шунинг устига Жаҳонгир келиб қолдию балога учради. Талатўпни бошлаганлар қочди, жазони Жаҳонгир тортди. Шундан бери у бечорага кун йўқ... Ҳа... гумонисираётган экансиз, Жаҳонгирнинг тақдир дафтарини ўқиб чиқарсиз. Сиз Жаҳон келдими, йўқми, деб сўрадингиз, а? Ҳа, келди. Бешинчида эрталаб келди. Устида янги тўн, бошида янги дўппи. Оёғида этик...

... Дамин барвақтроқ иш бошлаб танчани очмоқчи эди. Эрта келган кузнинг совуқ нафасини оёқлари сезиб сирқирай бошлаганди. Кеч куз, қиш, эрта баҳорда уни бу азоблардан қутқарувчи ёлғиз паноҳи шу танча. Сибирдан орттириб келган бу дардни фақат шу танча олади. Эшик-деразани ланг очиб, наматни бир четга суриб энди бўйрани кўтараман, деганда Жаҳонгирнинг овози эшитилди.
— Ҳа, кўчяпсанми? — деди у эшик оғзини булутдай тўсиб.
— Энди кўчиб қайга ҳам сиғардим, қишнинг ғами бу, ошнам, — деди Дамин бўйрани жойига қўйиб. Наматни қайта соламан деганда Жаҳонгир унамади.
— Мени сенга Худонинг ўзи етказди. Кел, қарашворай, — деб қўлига кетмон олди.

Жаҳонгир танчани очди. Дамин ўчоққа ўт қалаб, қумғонни қўйди.

Танчага чўғ тушиб, бир пиёладан чой ичилгач, Даминнинг жони ором олди. Жаҳонгир танчада узоқ ўтира олмади — оёғини тортди.
— Қандай ўтирибсан, одамни ёндираман деяпти-ку?
— Илоҳим оёқ оғриғини тортма, ошнам. Йилдан йил ёмон бўляпти. Ёлғиз яшашга қўрқадиган бўлиб қолдим, — деди Дамин. — Бехос омонатимни топширсам, шу танчада сасиб ётавераман. Ёлғизлик Худога хос, деб тўғри айтишар экан. Одамзод кимлар биландир бирга яшаши лозим экан. Энди минг оҳ урай, фойдаси йўқ. Хотиним бировга тегиб кетган экан, мен ҳам уйланавермайманми, этак-этак болаларни туғдириб ташламайманми?.. — Дамин, минг лаънат, дегандай қўл силтаб қўйди.
— Қариб бир қоп ўтин бўлиб қолибсанми, ҳозир ҳам уйланиб олавер.
— Қишлоқда эрга тегиши мумкин бўлган биттагина бева бор. Мадад қаллобнинг беваси. Ўшанга уйланайми? Қанча одамни қуритди у аблаҳ. Мени қамашганда ҳам гувоҳлик берган. Энди келиб-келиб шунинг сарқитига уйланаманми?
— Мен «ўша бевага уйлан» дедимми, бунча чириллайсан?
— Ўшани эсласам қоним қайнаб кетади. У аблаҳ сал барвақтроқ ўлиб кетди-да, ҳозир тирик бўлгандами?..
— Қўлингдан нима келарди? Сотганлар, қамаганлар, отганлар — ҳаммаси юрибди даврини суриб. Ноҳақлик бир думалаб ҳақиқатга айланди дейсанми? Айланган бўлса ҳам пўстинини алмаштирди. Ичи ўша-ўша. Иблис ўлгани билан унинг қабри атрофида фарёд ураётганлардан қўрққулик. Ке, қўй шу сиёсатингни, гапирган билан фойдаси йўқ.
— Сен бир умр сиёсатдан қочиб юрдинг. Шунинг учун ҳам косанг оқармади.
— Сеники оқардими?
— Мен бошқа тоифаман. Сен аллома тоифасан. Ўзингни четга олганинг учун Худо сени жазолади.
— Четга олмаганларни-чи?
— Гапни айлантирма.
— Сен ҳам чайналаверма. Ҳар бир одамнинг ўз сиёсати, ўз мақсади бўлади. Мен Худодан «мақсадимга еткар», деб сўраб яшадим. Мақсадимга қайси йўллар билан еткариш ёлғиз Оллоҳнинг иши. Шу азобли йўлларни маъқул кўрибдими, ҳазор-ҳазор шукр. Мени турмаларга қамадилар. Аммо руҳим озодликда юрди. Ўриснинг совуқ ерларида жисмим азоб чеқди. Бироқ руҳим эркинликда қолди. Чунки руҳимни Оллоҳнинг паноҳига бериб эдим. Ёмонлик жабрини фақат мену сен кўрибмизми? Сен қаҳрингни сочаверма, юрагингни кенг қил.
— Юрагим кенг, ошна. Менда битта эмас, иккита юрак бор. Бири ёмонлар учун зулмат бўлиб қоронғуликка ўрайди, иккинчиси қуёш бўлиб яхшиларга нур беради, — деди Дамин. Хаёлига келган бу доно фикрдан ўзи ҳам мамнун бўлиб, томоқ қириб қўйди. Жаҳонгир унинг мамнунлигини сезди. У бундай ҳолда Даминнинг фикрини маъқулламаган одам балога қолишини биларди. Бироқ, ошнасининг фикрини тўғри дея олмас ҳам эди. Шу сабабли Даминга тикилиб, пича кутди.
— Худо битта, — деди у босиқлик билан, — одамнинг тили ҳам, дили ҳам битта. Икки дилли, икки тилли, икки Худоли одам риёкор бўлади. Сен мусулмон фарзандисан. Ўша биттагина юрагингни барчага тенг улаш. Шунда Оллоҳга ёруғ юз билан рўбарў бўласан.

Дамин бу гапларни эшитиб, бошини эгиб олди. У вужудида уйғонган ғазабни босиб ўтирарди. Узоқ йўл босиб келган ошнасига қаттиқ гап айтиб, кўнглини хира қилишни истамади. Тизгин бўшаб кетса «Оллоҳ, Оллоҳ, деб юриб кўрган кунларинг шу бўлдими», деб кўп гапларни айтиб юбориши, ошнасининг юрагидаги яраларни тирнаб қўйиши мумкин.
— Энди менга ижозат бер, — деди Жаҳонгир. — Сафсата сотиб жиғингга тегмай. Дунё сенинг кўзингга бошқача кўринади, меникига бошқа. Айтишганимизнинг фойдаси йўқ. Мен сенга бир гапни айтгани атайин келдим: қолган умрингни тоат-ибодатда ўтказ. Шунча китоб ўқиганинг етар.
— Менга хат ўргатган одамнинг гапими бу! — Дамин энди жаҳлини яшира олмади. — Мен кеча-кундуз ухламай китоб ўқишим мумкин, лекин сен ёзиб берган оятларни ёдлайман, десам ухлаб қоламан.
— Ёш бола эмассан, эсингни йиғ. Ўлигим танчада қаровсиз ётмасин, десанг, тоат-ибодат қил.

Жаҳонгир юзига фотиҳа тортиб, ўрнидан турди.
— Шу кетишда шаҳарга жўнайсанми?
— Йўқ, ҳозир Дайдидарага борама. Оқшомда ёнингга қайтаман. Бир дардлашиб ётамиз. Балки қишлоқда бутунлай қоларман.
— Э, бормисан, ошнам. Қўй, ўша шаҳарингни. Қариганда бир-биримизга суяниб яшайлик.

Жаҳонгир қайтгач, Дамин гузарга тушиб гўшт олиб чиқди. Қозон осди. Сабзи-пиёзни қовуриб, дўстини кутди.

Жаҳонгир қуёш ботмай туриб қайтди. Йўлда йиқилганми, ўнг енги лой. Ранги оқарган. Эрталабки босиқлиги, хотиржамлиги йўқолган. Лаблари учади.
— Нима бало, безгак тутдими? — деди Дамин, уни қарши олиб.
— Шунақага ўхшайди, этим увишяпти, — деди Жаҳонгир.

Дамин уни танчага ўтқазиб чой узатди. Жаҳонгир бир қултум ичиб пиёлани патнис устига қўйди. Бошини эгиб анча вақт жим ўтирди. Сўнг «Оллоҳ, гуноҳимни ўзинг кечир», деб пичирлаб дўстига қаради. Энди лаблари учмади. Бироқ кўзларидан нур қочган, қарашларида маъно йўқ эди.
— Оллоҳ юз ўгирди яна мендан, — деди бўғиқ овозда. У бор дардини ана шу сўзлард ифода этди.
— Дардингни менга айт, малҳам бўларман, балки, — деди Дамин.
— Дардим... бу менинг дардим... ҳеч кимни шерик қилмайман. Ўзим билан бирга кетади.

Жаҳонгир шундай деб яна бошини эгди. Дамин унинг хатти-ҳаракатида бир сир яширинганини сезса ҳам сўрашга журъат этмади. Бу сир бировга айтиладиган бўлса, Жаҳонгир айтарди. Индамаяптими, демак, сўрашнинг фойдаси йўқ.
— Мен гуруч солай, — деди Дамин вазмин оҳангда.
— Тўхта, ўтир... мен кетаман.
— Насибангни ташлаб кетма.
— Насибам... насибам қирқилганга ўхшайди. Энди, ошнам, бошқа кўришмасак керак. Яхши-ёмон гапларим учун, берган ош-тузинг учун рози бўл. Мен сендан розиман.
— Бу ним деганинг? Ўлимни бўйнингга олмоқчимисан?
— Билмайман... мен ўлмайман ўлмаслигим керак, деб яшадим. Худойим дилимга бир ният солган эди. Шу ният ушалмагунча Оллоҳ жонимни олмайди, дердим. Ниятим ушалмади. Умр бўйи Оллоҳим берган барча азобларга шукр қилиб дон етиштирдим. Етиштирдиму чумчуққа олдирдим. Энди... билмайман... Мендан гап сўрама... Агар ўтганимни эшитиб қолсанг, руҳимга дуо бағишласанг бас.
— Ёзиб берганларингдан бирини ёдлаб ўқисам ўқирман, лекин Худога ишонмайман-ку, бу ёғи қандоқ бўлади?
— Эртами-кечми, барибир ишонасан. Банданинг бошқа йўли йўқ.

У шундай деб фотиҳа ўқидию турди. Дамин унга қаршилик қилмади.

Жаҳонгир қабристон томон юрди. У ширин уйқудай бир ўлимни орзу қилган эди. Бу орзуга етишиши ҳам гумон бўлиб қолди.

Дамин сўнгги дийдор кунини, дўстининг сўнгги гапларини айтиб сукутга толди. Маёр Солиҳов унинг синган руҳига яна азоб бермаслик учун дарров саволга тутмади. Жабборов безовталаниб соатига қараб қўйди. Уни ҳозир бу жиккак одамнинг гаплари қизиқтирмас, аксинча лой йўлдан изига қайтиш ташвишга солаётган эди. Солиҳов ҳамроҳининг безовталигини сезиб, унга норози қиёфада боқди.

Солиҳов Даминнинг аҳвол-руҳиясига тушуниб турарди, бироқ у айтган гаплар билан кифояланиб чиқиб кета олмас, шу учун сукутга кўп эркинлик беролмас ҳам эди.
— Муҳаммадризаев нима учун қабристон томонга кетди?
— Эна-отаси ўша ерда.
— Қишлоқда бошқа ҳеч кими йўқми?
— Йўқ. Акаси қочиб кетган. Опаларини қулоқ қилгансизлар. Жаҳон уларни кўп қидирди, тополмади.
— «Дон етиштирдиму чумчуққа олдирдим», деб нимани назарда тутган экан?
— Ким билади, бу бир маталдир-да.
— «Шариповни мен ўлдирмоқчи эдим, бошқа одам ўлдириб кетибди», деган гап эмасми?
— Билмадим. Шариповингизни мен танимасам, Жаҳон уни менга гапирмаган бўлса.
— Муҳаммадризаевнинг милтиғи бормиди?
— Милтиқ нима қилади унда? У художўй одам эди. Одам ўлдирганига мен ишонмайман.
— Ўзи бўйнига оляпти-ку?
— Сизларнинг қўлларингизга тушган одам қотилликни бўйнига олиш у ёқда турсин, онасига уйланишга ҳам рози бўлиб кетади.
— Дамин ака, беш қўл баробар эмас. Бу гапларингиз ўринсиз. Биз «бўйнингга ол», деб зўрламадик. Уни излаганимиз ҳам йўқ. Ўзи келиб бўйнига олди. Қотиллик юз берган жойда этигининг изи бор. Бизга бир нарса қоронғи: у Дайдидарага нима мақсадда борган? Агар ўша ерда иши бўлса, нима учун тўғри боравермасдан сизникига келди? У ердан нима учун яна сизникига қайтди?
— Тушунмадингизми? — деди Дамин зарда билан. — У мени художўйликка бурмоқчи эди. Ўлса орқасида мендан бўлак яқини йўқ. Шу гапни айтиб қўймоқчи бўлган.
— Марҳумни унинг акасига ўхшатдингиз. Агар шу одам ростдан ҳам акаси бўлса буни сизга айтармиди, «Акамни ўлдириб кетишибди», демасмиди?
— Айтиш лозим бўлганини айтарди, лозиммасини айтмасди.

Даминнинг кейинги гапида кескинлик сезилди. Солиҳов ортиқча савол-жавобга ўрин қолмаганини англаб, ўрнидан турди.

Улар қишлоқ совети идорасига кирмай изларига қайтишди.
— Бу Дамин деганлари балки Ризаев билан бирга боргандир Дайдидарага? — деди Жабборов.
— Балки боргандир, — деди Солиҳов эътиборсиз оҳангда.
— Услубингизга тушунмаяпман, ўртоқ маёр. Ризаев бўйнига олди, этигининг изи тасдиқлаб турибди. Бу тасдиқ ҳам етмаса, ана, ошнаси ҳам айтяпти. Борган. Саросимада қайтган. Нима учун саросимада қайтган? Ўликни кўриб қўрқиб кетганми? Бе, бунақалар ўликдан қўрқмайди. Отишга отиб қўйиб эсхонаси чиқиб кетган. Балки Худо олдида гуноҳ қилиб қўйганидан қўрққандир?
— Ҳа, коммунистман, шунинг учун ҳам партияга доғ туширган ишларга бефарқ қарай олмайман.
— Сиз Даминга ўхшаганларни бутунлай оқлаб янглишасиз. Гапига тушунмадингизми? Жамиятимиз эмас, «жамиятингиз» деди. У ўзини бизнинг жамиятга мансуб деб билмайди.
— Фақат угина эмас, кўпчилик шундай фикрлайди. Чунки жамият тизгини узоқ вақт бизга ўхшаганлар қўлида эди. Бу, биринчидан. Иккинчидан, жамиятни ўзгартиришдан аввал одамлар ички дунёсини, руҳиятини ўзгартириш, онг даражасини кўтариш лозим эди. Аввал жамиятни ўзгартириб олиб, сўнг одамларни шунга мос равишда ўзгартириш мумкин эмас. Биз ана шу мумкин бўлмаган ишни амалга ошириш учун тиш-тирноғимиз билан курашдик. Дамин акага ўхшаганлар хавфли эмас. Аксинча «жамиятимиз!» деб кўкракка уриб, жар соладиганлар хавфли.
— Мен бу масалада сиз билан муроса қила олмайман.
— Шунинг учун баҳслашиб юрмасдан, қотилни топишни ўйлайлик. Ҳақ-ноҳақни ажратадиган энг одил ҳакам — вақт.

Лой йўлдан бораётган бу икки одамнинг фикри, дунёқараши оёқларидаги поябзаллари каби хилма-хил эди.

Фарзанд

Турмада руҳи азоб чекиб, Худодан ўлим тилаётган Жаҳонгирнинг дардига яна шерик бўлишга тўғри келади.
— «Муҳаммадризаев, бешинчи октябр куни Қирқбел қишлоғига нима учун бордингиз?
— Дўстимни кўргани.
— У билан нималарни гаплашдингиз?
— Ўзи айтгандир.
— Мен сиздан эшитмоқчиман.
— Оллоҳ йўлига қайт, бединлардан юз ўгир, дедим.
— Яна?
— Ўлиб қолганимни эшитсанг, руҳимга дуо бағишла, дедим.
— Дайдидарага нима учун бордингиз?
— Ов қилгани.
— Милтиқсиз-а?
— Ким айтди?
— Дўстингиз.
— Бекор айтибди, милтиғим бор эди. У мени асраб қолмоқчи бўлган.
— Марҳум оқсаб юрармиди?
— Йўқ.
— Қаердан биласиз, юрганини кўрдингизми?
— Кўрмадим. Начайник, чалғитманг мени.
— Дайдидарада дўстингиз Дамин ҳам бормиди?
— Йўқ эди.
— Мурда атрофидаги учинчи из кимники?
— Билмайман.
— Боринг, дамингизни олинг...»

Тепаси темир тўр билан ёпилган узун даҳлиздан юриб келаётган Жаҳонгирнинг хаёлида шу савол-жавоб чарх урарди. Ҳар бир қадам ташлаши — бир савол. Ҳар бир қадами уни мавҳум оламга тортади. Эшик шарақлаб очилади. Бу ҳибсхона эшиги эмас — ўша мавҳум олам эшиги. Ундаги темир каравот ҳам, қаттиқ ёстиқ ҳам — барчаси мавҳум. «Бу дунёчи? Борми ўзи бу дунё? Худо бу дунёни нима учун яратди? Одамларни синаш учун... Мен ўтолмаяпманми бу синовдан?..»

Жаҳонгир шу ўй билан банд бўлиб ичкари кирди. Каравотига ўтирди. Ҳеч ким ундан «ҳолинг надир», деб сўрамади. Жаҳонгир атрофига қаради: унга эътибор берадиган зот кўринмади. Аввалги куни шундай бўлишидан ризо эди. Бугун ўкинди. Даминнинг ёлғизлик ҳақидаги айтган гапини эслаб ўтирганида шундайгина ювингич яқинига қўйилган каравот темирига пешонасини босиб турган одам ўкраб юборди. Қамоқхона учун бунақанги йиғи, додлаш, фарёд уриш янгилик эмас. Эркдан маҳрум бўлишни ҳар ким ҳар хил ҳазм қилади. Биров тинмай хўрсинади, биров оҳ уради. Жаҳонгирга ўхшаб аввал ҳам қамоқ жабрини тортганлар бундай манзарага айтарли эътибор бермайдилар. Чунки фарёд урган одам бироз фурсат ўтмай ўзини босиб олади, қилган ишидан хижолат ҳам тортади. Шу сабабли ғамга банди бўлиб тўлғонаётган одамни холи қўйиш керак. Қамоқхонанинг таомили шу. Бироқ таомил деганлари ҳар қадамда бузилгани каби бу ерда ҳам четлаб ўтилиши табиий. Фарёд ураётган кимсага далда берувчи, юпатишга уринувчи меҳрибонлар топилди. «Қўйинг энди, ўзингизни босинг», деган гаплардан кейин у баттар авжига чиқди. Эшикка отилиб, муштлари билан дўмбира қила кетди.
— Бераҳмлар, золимлар! — деб қичқирарди у бор овози билан. Қўйворларинг мени, ҳеч бўлмаса болаларимни ўз қўлим билан қўяй ерга. Охирги марта бир кўрай болаларимни!..

Одам темир эшикни ура-ура толиқди. Уни каравотига қайтардилар.
— Бу қандай кўргулик, бу қандай кўргулик-а! — У одам шу гапларни такрорлар, дам-бадам пешонасига уриб қўярди. Бир маҳал у ўрнидан туриб атрофга аланглади:
— Одамлар, ичларингда бирон мусулмон бандаси борми, ўзи? Ҳеч бўлмаса шу ерда жаноза ўқиб қўяйлик.

Ҳеч кимдан садо чиқмагач, Жаҳонгир унга яқинлашди:
— Биродар, жанозани мурданинг тепасида ўқишгандир. Гапларингиздан маълум бўлдики, бошингизга кулфат тушган. Энди сиз билан биздан лозими — тиловат қилиб, марҳумлар руҳига бағишлаш.

У одам гапи бамаъни, кўриниши эса қўрққулик Жаҳонгирга пича қараб турди-да, худди жигарини кўргандай қучоқлаб олиб, ҳўнграб юборди.
— Икки болам билан бева қолувдим. Шуларнинг иссиқ-совуғидан хабар олсин, деб уйланувдим. Минг лаънат мендай отага. Пешонамдан отишсин, мингдан-минг розиман. Ўша ялмоғизни ўлдирганим учун эмас, ўшанга уйланганим учун, болаларимни ўгай онага топширганим учун отишсин. Болаларимнинг кўз ёшларини тўктирганим учун отишсин. Мендай отани Худо дўзахда куйдирсин. Дўзахга тушмасам розимасман. Болаларим норасида кетди, ҳур кетди. Улар жаннатга борадилар. Мен боролмайман уларнинг ёнига, уларнинг кўзларига қаролмайман, жаннатга боришни истамайман, дўзахда куяй мен, дўзахда!!! У ялмоғиз икковини ҳам бўғибди-я! Шунақа ялмоғиз борлигини ҳеч эшитганмисиз? Мен уни болта билан чопиб ташладим. Қийма-қийма қилдим уни. Энди мени отишсин, пешонамдан отишсин. Ақл кирмаган бу каллани мажақлашсин!

Жаҳонгир унинг елкасини силаб, индамай турди. У одам гапдан тингач «Фарзандларингизга дуои фотиҳа лозим», деб қўйди. Сўнг енгини шимариб ювингичка яқинлашди. На таҳоратга, на таяммумга имкон бор бу жойда, номига покланиб олишгина мумкин эди. Жаҳонгир каравотга ўтириб тиловат қилди. Савобини марҳумларга бахшида этгач, қамоқхонага ўлик сукунат чўкди. Тақдир шу тошдевор, тош бошпана остига тўплаган насронийлар, ибрийлар ҳам сукутда эдилар. Бундай ғам, бундай дард айниқса бу шароитда дин, миллат ажратмайди. Одамга пичоқ ураётганда қўли қалтирамаган қотиллар ҳам бунақа пайтда, озгина бўлса-да, руҳий кечинмаларга банди бўладилар.

Ҳозир бу қамоқхонада шундай вазият ҳукмрон эди. Эртага ўз тақдирлари нима бўлишини, жигаргўшаларидан неча минг чақирим нарига, неча йилга кетишларини билмай эзилиб ўтирган одамлар руҳи қиймаланди. Одатий гурунглар барҳам топди. Жаҳонгир дарров жойига қайта олмади. У одам Жаҳонгирни паноҳкорадай билиб қолган эди. Унинг назарида Жаҳонгирнинг дуои фотиҳаси ҳур болаларини тўғри жаннатга, роҳат-фароғатга бошлаб борди. Жаннатда улар оналари бағрига кирдилар. Бу ёруғ оламда рўшнолик кўрмаганларини, уйларига ўгай она келгани ва бир кечада ўлим топганларини айтиб бердилар. Шунда она нима қилди? Уни — отани қарғадими?..

У одамнинг кўнглидан шундай гаплар ўтиб, кўзлари ёшланар эди. Жаҳонгир унинг юрагини кемираётган гаплардан бехабар, ўзининг дарди ўзига етса-да, бу дилхастани ёлғиз қолдириб нари кетолмас эди. Жаҳонгир гарчи ўз боласини кўрмаган, қўлига олиб суймаган бўлса-да, тақдири номаълум фарзанд доғида куйган, ўртанган, алалхусус бу одамнинг аламларини ҳис қила оларди. Хотини Хадичанинг кўзи ёридими, боласи кимларнинг қўлида қолди: хўрландими, зорландими? Дайдидарадаги чинор остида отасининг бир дунё бойлиги бўлатуриб мусофирликда бир бурда нон деб қақшадими?.. У тирикми, у билан дийдор кўришиш насиб этадими? Бу саволларга йиллар жавоб кутиб яшаш учун одам метиндан бўлиши керак. Йўқ, метинга ҳадеб болға ураверсангиз, у ҳам дарз кетади, ёрилади, парчаланади. Жаҳонгир эса ҳаётининг ситам болғалари зарбаларига дош берди — дарз кетмади, ёрилмади, парчаланмади. Ёрилай деганда, парчаланай деганда умид деган тириклик суви уни ҳаётга қайтарди, юрагига дармон берди.

Ниҳоят... умид булоғининг тириклик суви қуриди. Юракдан дармон кетди. Парчаланиш аён бўлиб қолди.

Жаҳонгир бу одамни сўроққа чақирганларидан сўнггина жойига қайтди. Каравотига ёнбошлаб, кўзларини юмди. Кечадан бери Зокирхўжани эслаётгани учун яна ўша димиққан, бадбўй, нимқоронғи вагон кўз олдига келди.

Зокирхўжа билан танишган куннинг эртаси эди. Ёши элликдан ошмаган Зокирхўжанинг гапларини эшитган Жаҳонгир мадрасада олган билимларим ҳеч қанча эмас экан-да, деб ўтирарди. Поезд тўхтаб қолган, одамларнинг гаплашишга ҳам хушлари йўқ эди. Тепадаги дарча сари бўйнини чўзиб ташқарига қараётган узун бўйли қотма киши русчалаб бир нималар деб юборди. Кейин бошини чангаллаб ўтирди. Жаҳонгирнинг назарида кимдир ташқаридан туриб унинг юзига тош-пош отгандек эди. Шу сабабли унга яқинлашиб: «Нима бўлди, биродар», деб сўради. Узун одам дарров жавоб бермади, бош чайқаган ҳолда ўзбекчани сал бузиброқ:
— Узинг кара, — деди.

Жаҳонгир оёқ учида туриб темир панжарали дарчадан ташқарига қаради. Бекатда катта одамларга нисбатан жулдур кийимли болалар кўп эди. Уларнинг айримлари тўп бўлиб ўтирар, айримлари панароқ жойларда қўнишиб ётар, айримлари ўлжа илинжида писиб юрар эди.
— Етимчаларми булар? — деб сўради Жаҳонгир.
— Ҳа, етимчалар, — деди узун одам. — Парвадигор бизни урган майли, болаларда гуноҳ нима? Револютсия деган аждарни бизга юборган, майли. Болаларга нима учун юборган? Болаларни кийнаш урнига бизни улдирмайдими? Парвардигор болаларни бизни кулимиз билан кийнаган. Болаларни бизни кулимиз билан улдирган. Бола — келажак. Син келажакни курдинг? Келажак юк инди. Улар Туркестан китишяпти. Нонга китишяпти. Туркестан нон беради, уй беради. Лекин бахтни ким беради? Ота-онасини ким беради?
— Ҳа, қийин бечораларга. Хор бўлиб кетишибди, — деди Жаҳонгир.
— Болага бахт бермаган ҳукумат халкига келажак бермаган. Бу ямон, жудда ямон. Бу болаларда инди рахм-шафкат булмайди, дуст бўлмайди. Буларда нафрат кўп булади. Кийин, жуда кийин. Буюк Россия хароб бўлди.
— Ким хароб қилди? — деди Жаҳонгир. Узун одам яна афсус билан бош чайқади.
— Биз... биз...
— Сиз бизнинг ҳам тинчимизни олдингиз.
— Юк, сиз тугри гапирган эмас. Туркестан ҳали тайёр эмас бунака узгаришларга. Узбек партия йўк, нима килишини билмаган узбек. Ярми болшевик кушулади, ярми турк кушулади. Мужик билмайди. Рус мужик ҳам билмайди.

Поезд вагонлари бир-бирига шарақа-шуруқ урилиб, силтаниб-силтаниб ўрнидан жилдию уларнинг суҳбати узилди. Вагонда Жаҳонгир билан Зокирхўжадан бўлак ўзбек йўқ эди. Шу сабабли улар бир неча кун ичида оға-инидан зиёда бўлиб кетишди. Ўша бекатдаги воқеадан сўнг ўзбек тилини биладиган Сергей ҳам уларга яқинлашди.
— Узбекчани қаердан ўргандингиз? — деди бир сафар Жаҳонгир. У аслида «нимага ўргандингиз?» деб сўрамоқчи эди, саволим қалтис чиқмасин, деб лутфга ўраб шундай деди. Сергейга бундай саволлар кўп бериларди. У саволнинг моҳиятини ҳам билиб турарди.
— Ўзбекнинг суви ширин, нони ширин, а? — деди у Жаҳонгирга. — Тили-чи? Тили бемаза булиш нига керак? Тили-да ширин. Урганмаган — бу гунаҳ. Ман дворянин, потомственнûй дворянин. Куп тил билган — маданият. Билмаган — мужик. Ангаладинг? Зокирхўжа ока араб тил билган. Бу — маданият. Мен рус офитсери, отишга келмаган. Менга мақсад тимуридлар тарихини урганиш булган. Револютсия ҳаммасига юл беркитган. Англадинг?
— Гапингизни-ку, англадим. Бироқ олам ишларини — англамай гарангман. Ўрис ўрисни қамаса, ўзбек ўзбекни қамаса. Бу не ҳол бўлди? Мусулмон билан насроний бир сассиқ вагонда ётса?
— Мусулмон-христианин — битта одам, — деди Сергей унга эътироз билдириб. — Худо битта. Муса пайгамбар, Иса пайгамбар, Мухаммад пайгамбар — Худо элчилари. Худо битта. Фақат сигинамиз ҳар хил. Ибодатхона-да ҳар хил. Но, худо битта. Муҳими шу. Барча одам теппа-тенг. Ажратиш гунах. Тугрими, мулла Закирходжа ока?
— Оллоҳ барчани баравар яратган, — деди жимгина ўтирган Зокирхўжа уларнинг суҳбатига қўшилиб. — Мусо алайҳиссалом билана Исо алайҳиссаломга азият еткурган одамлардан Тангри-таоло ғазабда бўлган. Бу ёруғ дунёда одамлар бир-бирларига меҳр-муҳаббатда бўлиб, ёвузлик уруғини янчишлари лозим. Бу — Оллоҳнинг иродаси.
— Сизга баракалла, Закирходжа ока. Улар бизни нотугри камадилар. Мен Россияни севган. Сиз-да, Туркестанни. Бу гунах эмас, буюк иш! Улар ҳам севган. Бу ҳам буюк иш! Улар бошкача севган, биз бошкача. Бир-биримизни отган, камаган — буюк иш эмас. Одам бир-бирига тушунган зарур. Шунда Россия ҳам, Туркестан ҳам гуллаган. Тугрими, мулла Закирходжа ока?

Зокирхўжанинг хаёли бошқа ердамиди ё суҳбатга аралашгиси йўқмиди, ҳарҳолда нохушгина бош силкиб қўяқолди.

Манзилга етиб келиб, муз ўйиб, маъдан қазиша бошлаганда ҳам улар ёнма-ён эдилар. Меҳнат азобини бирга баҳам кўрдилар. Лозим бўлганда Сергей тилмочлик қилди. Зокирхўжа оғриб қолганида Жаҳонгир билан навбатма-навбат хабар олди. Зокирхўжа омонатини топширганда «Маъмурлардан тобут ундираман», деб ҳаракат қилди. Жаҳонгир «Одам тупроқдан яралган, тупроққа қўшилиб кетиши керак», деб тўсқинлик қилмаганида балки ундирарди ҳам. Жаҳонгир: «Одам боласи туғилиши билан ювинтирилиб, оққа ўралади, у дунёга кетишида ҳам шундай бўлиши керак. Хўжайинларга айт, оқ сурп топиб беришсин», деди. Одамгарчилик нималигини билмайдиган одамлар бир маҳбусининг ўлигига сурп топиб берар эканми? Жаҳонгир шунинг фаҳмига етмай, бир мусофирни одам қаторида ерга қўймоқчи эди, умиди ушалмади. Мусофирликда, яна эрксизликда ўлиш ҳеч бир кимсанинг бошига тушмасин экан. Жаҳонгир Зокирхўжадан ажраб қолганига эмас, унинг хор бўлганига йиғлади. Отасини ерга қўйганда ҳам бунчалик эзилмаган эди. Хорлик ёмон экан, эрксизлик ёмон экан. Буни Жаҳонгир ўшанда аниқ ҳис этди.

Муз ўйиб, маъдан қазиб қабарган қўллар ғарибона қабр қаздилар. Совуқда музлаб саксовулдек бўлиб қолган танани ерга оҳиста қўйдилар. Жаҳонгир муз қабр олдида анча турди. Ўшанда унинг ёнида Сергей бор эди. Мурдани кўмиш учун фақат икки кишига рухсат берилган эди. Жаҳонгир на ширин нони, на ширин сўзи бўлган соқчилару хўжайинларнинг феълини кейинроқ тушунди. Илгари бу ерларга озодлик, янги турмуш истаганлар ҳайдаб келинган. Энди эса ўша озодликни, янги турмушни беришни истамаганлар маҳбуслар кийимида. Аввалги маҳбуслар эса улар устидан ҳукмрон. Шундай экан, раҳм-шафқат, одамгарчилик ҳақида сўз бўлиши мумкинми?

Қор учқунларини чирпирак қилиб ўйнаб юзларига урилаётган шамол ҳам, бадан-баданларидан ўтиб кетган совуқ ҳам уларни қабр ёнидан тезгина қувишга ожиз эди. Улар бу дамда фақат Зокирхўжани ўйламасдилар. Ҳар бири ўз тақдирини ҳам ўйлар эди. Чўкичларни судраб изларига қайтар маҳалларида бу ўйларнинг бир чимдими тилга кўчди:
— Мулла Закирходжа азоблардан кутулган, — деди Сергей, — инди кийналмаган. Худо билан гаплашган. Худо уни жаннатга юборган. Мулла Закирходжа эътикодига соткинлик килмаган. Бу якши! Жуда якши! Но, жуда огир. Мулла Закирхуджа чидаган. Факат Ватандан узокда улди. Бу чаток. Биз улмаслигимиз кирак. Бизга яшаш кирак.
— Менинг ўлишим мумкин эмас, — деди Жаҳонгир, — Худо менга ўлим бермайди, елкамда юмуш бор. Оллоҳ кўнглимга солган. Худо хоҳласа бу юмушни адо этганимдан сўнг отамнинг ёнидан жой беради. Юрагимда бундан бўлак армон йўқ. Мен уйимдан узоқдаман. Сиз яқинсиз. Сиз Русиядасиз. Бу ерлар сизнинг юртингиз. Мендан кўра сизга осонроқ...

Жаҳонгир «отамнинг ёнига қайтаман», деганда кўз олдидаги оппоқ музлар, музлар устида учиб юрган оппоқ қор учқунлари аввал қип-қизариб кетди. Сўнг аста қорайди. Сўнг музлар яшил тус олди. қор учқунлари тўзиган шафтоли гулидай уча кетдилар. Жаҳонгир энтикиб тўхтади. Ана — Қирқбел! Ана — боғлари! Ана... дўнглик — қабристон... Тепароқда аждарқоя...
— Синга нима булган?

Тўзиган шафтоли барглари яна қор учқунларига, яшил боғлар музликларга айланди.
— Синга нима булган?
— Кўзим тинди.
— Тизрок юрганимиз кирак. Пошли.

Тез юришга мажол йўқ эди.
— Сен узингни махкам тут. Узинг айтган-ку «улишим мумкин эмас». Значит, махкам тут. Махкам тутмаган — улган.

Қорайиб турган ёғоч уйга етиб бориб ичкари киришгач, жонлари бироз ором олди, аммо баданларига иссиқ ўтмади. Маҳбуслар ишда, хона бўш эди. Бундай пайтларда печ ёқилмасди. Печ тунда, маҳбуслар музлаб ўлиб қолмасликлари учунгина ёқиларди.
— Мен мулла Закирходжага ачинган, — деди Сергей. — У ялгиз. Боласи юк. Жуда ачинган. Ким эслайди уни? Сенда бола бор?
— Бор...

Жаҳонгир шундай дейишга деб, сесканиб кетди.
— Нечта угил-киз?
— Билмайман... ҳали туғилмаган эди.
— Кечир мени... Синга огир. Жуда огир. Минга ҳам огир. Минда битта угил, битта киз. Улар Самарканд колган. Мен билмаган, уларга нима булган. Сен эслайсан, вокзалда ямон юрган болалар эслайсан? Мен уларни курган, болаларимни эслаган. Мен чет мамлакат улгурмаган. Кариндошлар кетган.
— Чет мамлакатга? — Жаҳонгирнинг кўз олдига отаси келди. — Нима бор чет элда?
— Чет мамлакат якши. Узбеклар ҳам кетган.
— Кетган, биламан. Ватанни ташлаб кетиш — хоинлик. Улар хоин! Улар қорин қуллари. Бу ерда ҳам бир коса овқатга қорин тўяди, чет элда ҳам. Хорижда икки коса ичолмайсан барибир. Дадам раҳматли шундай дердилар. Ҳовлингиздаги итга суяк ташламасангиз кетиб қолмайди-ку? Улар эса кетишди... Кўрарга кўзим йўқ уларни... — Жаҳонгир шундай деб тишларини ғижирлатди. Кўзига Аждарқоя, ундаги одамлар кўринди. Агар улар ҳозир шу ерда пайдо бўлиб қолишса, ёинки аксинча, Жаҳонгир умри бир неча ой изига қайтиб ўша ерда бўлиб қолса, уларни ғажиб ташлашга тайёр эди. Ватандан узоқларга олиб кетаётган оёқларни чопиб ташлар эди. Ватанга ола қараган кўзларни ўяр эди, ношукр сўзларни айтган тилларни суғуриб олар эди, ўт қўйган қўлларни синдирар эди...
— Сен нотугри гапирган... Мужиклар бизни кийнаган. Биз китган, улар хароб булган. Сунг биз кайтган. Россияга биз керак. Жудда кирак. Айт, сен, пул, уй бизники ё мужикники?
— Ҳаммаси Оллоҳники. Оллоҳ бизни синаш учун биримизга оз, биримизга кўп берган. Йўлдан озганлар борига шукр қилишмади. Бу қилиқлари билан қиёматни чақиришди. Субҳи маҳшарда гуноҳларига яраша мукофотларини оларлар, иншооллоҳ. Менинг раҳматли отам топганларини бердилар фақирларга. Оллоҳ шуни истаган экан, бердилар. У дунёга имонлари пок кетдилар. Оллоҳ истаса бизга яна беради. Мол-дунёга ҳирс қўйган инсон бойликка эга бўлади, аммо руҳидан ажралади. Мол аччиғида юртдан юз ўгириш шайтанатдур. Шайтонвашлик инсон боласига ёт. Оллоҳ ҳар бир бандасини шайтон домгоҳидан саломат сақласин.
— Син тушунмаган, син билмаган. Мужикда гуноҳ куп. Уларга Худо юк. Син Нуҳ пайгамбарни эсла. Мужик унга кулок солмаган. Худо туфон юбарган.

Ўша куни улар узоқ гаплашдилар. Баҳслашдилар. Бир неча кундан сўнг Сергей кутилмаганда яна шу мавзуга қайтди.
— Син тугри гапирган, — деди у Жаҳонгирга, — Ватандан кетган нотугри. Ватан битта, уни сотган вакший. Сен тугри айтган. Сенга Ватан — Туркестан. Сенга кийин. Туркестан маданиятга кутариш керак. Маданият юк, савод юк.

Жаҳонгир бу гапни эшитиб, унга норози қиёфада боқди.
— Синга ёкмаган бу гап, лекин тугри. Беш юз йил алдин юкари булган савод, маданият. Кейин ухлаб колган Туркестан. Туркестан ҳозир ҳам ухлаган.
— Ухлагани ростдир. Лекин маданиятсиз, саводсиз дейишга ҳаққингиз йўқ. Мен қишлоқда ўсганман, катта шаҳарда мадраса кўрдим. Шунча йил юртимизда яшаб ҳар маҳаллада мактаб борлигини билмадингизми?
— Ну, мактаблар якши эмас.
— Ал Хоразмий, ал Беруний, ибн Сино, ҳазрат Навоийлар ҳам шундай мактабларда билим олганлар.
— Кани улар, янги Навои кани?
— Улуғлар кунда дунёга келавермайди. Бу Оллоҳнинг иродаси билан бўлади. Маданият деганингиз нима? Оврупоча кийиниб юришми? Либосни ўзгартиришдан осони йўқ. Аммо маданият либос эмас. У инсон вужудидаги фазилатлар. Маданият — тан поклиги, иймон поклиги. Сиз менинг халқимга туҳмат қила кўрманг. Юзкўрмас бўлиб кетамиз. Бу ғайри хаёллар билан Самарқандга қайтиб борсангиз мен ризомасман. Халқимнинг заиф томонлари, иллатлари ҳам бордир. Лекин бу иллат менинг халқимники. Мен уни шу иллатлари билан ҳам севаман. Оллоҳ иймонимни басаломат асрар экан, бу фикрдан қайтмайман. Сиз яна шундай туҳмат гап айтсангиз, сўнг мени Парвардигор деб сиғинсангиз ҳам гуноҳингиздан кечмайман.
— Кечир, син минга тушунмаган. Мин айтмакчи булган: сен Туркестанни уйгат, унга ярдам бер. Жадидлар буни тугри тушунган. Син жадид эмас.

Улар кейин ҳам бу мавзуга қайтдилар. Сергей Туркистон тарихини Жаҳонгирдан кўра дурустроқ билар экан. Баъзан шундай воқеаларни гапириб берардики, Жаҳонгир «ростми, ёлғонми гаплари», деб ажабланарди. Сергейнинг Жаҳонгирга ўзини яқин олиши бесабаб эмасди. Бир куни буни ўзи айтди.
— Мен Туркестан тарихин Европадан билган. Немис китоблари укиган. Энди менга арабча урганиш кирак. Син минга ургат. Мин синга русча ургатган, немисча ургатган. Келишдик?

Келишдилар. Қор усти, муз усти, қисқа ёз кунлари тупроқ уларга дафтар бўлди. Сергей астойдилроқ эди. У араб тилини нима учун ўрганаётганини биларди. Жаҳонгирда эса мақсад йўқ эди. Бу рус тили, немис тили қаерда асқотишини билмас эди. У Сергейнинг бир гапига қўшиларди: кўп тил билиш — маданият белгиси, инсон боласига хос фазилат. Лекин бу билим асқотса дуруст, каллада қолиб кетганининг нима нафи бор? Сергей баъзан Жаҳонгирдаги бу лоқайдликдан безиб уни уришарди. «Билимни сен олмасанг, халқингни сен кўтармасанг ким кўтаради. Тарихинг билан мен шуғулланаётганимдан уялмайсанми, ғурурингга тегмайдими», деб қаттиқ ҳам гапирарди. «Халқимни севаман», деб юрувчи Жаҳонгирга бу маломат тошлари айтарли таъсир қилмас эди. Чунки унда илм билан шуғулланишга ихлос йўқ эди. Айниқса, бошига бу ишлар тушгач, мақсадини бутунлай ўзгача белгилаб қўйганди. Ўзини илмга бахш этиш фикри миясига ўрнаша олмас эди.

Сергейнинг айби камроқ экан, Жаҳонгирдан бир йил олдин қутулиб кетди. Самарқандда кутажагини қайта-қайта тайинлади. Жаҳонгирнинг аламларидан, дардларидан бехабар бу одам уни илмга тортишга ишонар эди.

Мана, йилларнинг аллақанча суронли, тўзонли йўлларини босиб ўтиб шу манзилга етгач, шу тош-деворлар орасида уни яна эслади. Ўлдирилган икки фарзанди фироқида куйиб-ёнган бу бебахт ота бўлмаганда балки Сергейни эсламас эди. Ўша бекатдаги жулдур кийимли болалар, Туркистонга нон илинжида отланган бечоралар Сергейнинг кўз олдидан кетмас эди. Тушларида болаларини жулдур кийимда кўриб чўчиб уйғонарди. Баъзан тонгга қадар миқ этмай ўтирарди. Баъзан Жаҳонгирни туртиб уйғотиб тушининг таъбирини сўрарди. У болалари ҳажрида ёнгани сайин, Жаҳонгир дардини ичига ютиб эзиларди. Ҳомиладор хотини кўз олдига келганда юрагини нимадир кемира бошларди. Ўшанда «гўдакларнинг раҳмини ўзинг е», деб Худога нолалар қилар, жумла гўдаклар қаторида ўз фарзандига ҳам Оллоҳдан раҳм тиларди. Тахмини бўйича мусофирликда туғилган боласи дам дўмбоқ ўғил бўлиб, дам ширин қизалоқ бўлиб тушларига кирар, «дадажон!» деб бўйнидан маҳкам қучоқлаганда нафаси қайтиб, уйғониб кетарди. Ҳатто тушларида ҳам ўзи кўрмаган боласини дийдорига тўя олмас эди.

Акаси билан учрашганда ҳам биринчи сўраган саволи шу бўлди:
— Хадича қани, болам қани?

Акаси бир чўчиб тушди. Ҳа, Жаҳонгир сезди, чўчиб тушди, ҳатто юзи учди. Лекин сир бой бермасликка ҳаракат қилди.
— Қанақа боланг? Боланг йўқ эди-ку?
— Хадичанинг кўзи ёриши керак эди, эсингиздан чиқдими?
— Оллоҳ кўп кўрди уни сенга...

Бу гапдан кейин нима учун ер ёрилмади — Жаҳонгирни ютмади. Нима учун осмон узилиб тушмади - уни елпарчин қилмади. Нима учун юраги ёрилиб кета қолмади. Нима учун совуқ юртларда қулоқларини совуқ олдирганда биратўла кар бўла қолмаган экан. Хорижда нима учун акасининг бу тилларини бирон-бир инсоф эгаси кесиб ташламаган экан!

Жаҳонгир ўттиз йилдан ортиқ қалбида авайлаб йўргаклагани фарзандини энди дафн этиши керак эди. Ерга эмас, яна юрагига дафн этиши керак эди. Ўша дўмбоқ ўғилчани, ўша ширин қизалоқнинг кулгичлари ўрнини юмуқ кўзлар эгаллаши керак эди. Не ажабки, акасининг ўша совуқ гапидан кейин ҳам бу дўмбоқ ўғилча, бу ширин қизалоқ яна тушларига кирди. Яна бўйнидан қучоқлашди. Бундай туш авваллари унга бир умид берарди, энди эса у дунёга чорлаш бўлиб туюлди ва бу кун яқин келганидан суюнди.

Бебахт ота сўроқдан қайтиб жойига ўтирди. Бошини эгиб олиб бировга қарамади ҳам. Терговчи худди уни тилсимлаб юборгандай эди. Шу ўтиришда у икки соат аввалги аламли одамга ўхшамас эди. Унинг бу ўтириши тақдирга тан берган мўъминни эслатарди.

«Бечоранинг умри азобга қолди. Уни отмайдилар. Отишга ҳукм қилишса дуруст эди, — деб ўйлади Жаҳонгир унга ачиниб қараб. — Бир неча йил ўтириб чиқади. Болаларининг руҳи энди уни изма-из таъқиб қилиб юради. Қочгани жой тополмайди. Руҳлари парча-парча бўлиб кетади. Агар отилмаса жинни бўлиб ўлиши тайин. Оллоҳ ёмон қаҳр қилган экан унга...»

«Оқсоқ одам»

Маёр Санжар Солиҳов Қирқбелдан қайтгач марҳум Сиддиқ Шарипов уйига яна боришни ният қилган эди. Биз ҳам борайлик.

Маёр Солиҳов Қирқбелда кўрган-эшитганларини эслаб, ўзича мулоҳаза қилиб ўтирганида Рамзиддин Рамазонов бир даста қоғоз кўтариб кириб келди.
— Ризаевингизнинг бошидан ўтганларни ўргангандан кўра қадимги дунё тарихини ўрганиб чиқиш осонроқ бўлиб қолди. Раҳмингиз келганича бор экан.
— Раҳмим келгани йўқ, ким айтди бу гапни сизга?
— Менга шундай туюлди.
— Мен раҳм-шафқатга эмас...

Маёрнинг гапи оғзида қолди.
— Одилликка суяниб иш кўрасиз, эшитганман бу гапларни, — деди капитан кулимсираб. — Хуллас, кўрмаган дарду жафоси йўқ экана. Уч марта қамалган. 1922 йилда аксилинқилобий ҳаракати учун. Фаолларни ўлдириб, қишлоққа ўт қўйишда айбланган.
— Гувоҳлар борми?
— Гувоҳларни гапирасиз, умуман ҳужжатлар йўқ даражада. Йигирма иккинчи йилларнинг аҳволи маълум-ку?
— Мен бир одам билан суҳбатлашдим. Муҳаммадризаев туҳмат билан кетган эди, деяпти.
— Бу гапни ўшанда айтиши керак эди. Энди нима фойда? Ўн икки йил ўтирган. Қўнғироқдан қўнғироққача. Кейин 1938 йилда яна қамалган.
— Айби нима экан?
— Аксилинқилобий ҳаракат, халқ душманлари билан тил бириктириш.
— Халқ душманлари ким экан, айтилганми?
— Айтилган: Сергей Комлев. Шарқшунос олим.
— Комлев ҳақида яна қандай маълумот бор?
— Чор армиясининг офитсери. Дворянлардан. Аксилинқилобий ҳаракати учун 1922 йилда Самарқандда қамоққа олинган. Қамоқда Ризаев билан бирга бўлган.
— Илмий ишининг мавзуси аниқми?
— Аниқладим: «Амир Темур замони маданияти» деган мавзуда диссертатсия ёқлаган экан.
— Масала равшан. Муҳаммадризаев учлик қарори билан қамалганми?
— Ҳа. Комлев ҳам. Ризаев учинчи марта қирқ саккизинчи йилда қамалган. Асирга тушганлиги ва хоинлиги учун.
— Асирга тушгани ва хоинлиги учун, дедингизми? Урушда бўлган эканми?
— Ҳа, партизанлар отрядида. Лекин бу ҳақда батафсил маълумот йўқ. 1955 йил апрел ойида авфи умумий туфайли озодликка чиққан.
— Хўш, қанда хулосага келамиз?
— Ўтмишнинг ҳозирги жиноятига алоқаси бор, деб ўйлайсизми? Аввалги ишларида одам ўлдиргани ҳақида аниқ бир гап йўқ. Кейинги икки иши ўрмонга ўт кетган пайтда бўлган, ҳўлу қуруққа аралашиб ёнган. Биринчисини аниқлаш керак. Ўшанда фаолларни ростданам отган бўлса...
— Шундай деб фараз қилайлик. Агар у совет ҳокимиятига қарши экан, нима учун партизанлар отрядида жанг қилди, нима учун асир тушди, нима учун ўша ёқда қолиб кетмай, қайтди?
— Бирон мақсади бордир?
— Ана энди ўзингизга келдингиз. Ўша «бирон мақсад нима?» — Солиҳов шундай деб капитанга савол назари билан тикилди. — Ана шулар билан қизиқиб кўринг, азизим. Яна Комлевнинг тақдирини ҳам аниқланг. Ўзи тирикми, оиласи омонми? Муҳаммадризаев қотил бўлганда ҳам уни бу йўлга нима бошлаганини билишимиз керак. Пешонасига бежиз ёзиб олмагандир, ахир?
— Ишни чўзадиган бўлсак раҳмат эшитармикинмиз?
— Бунақа раҳматларни кўп эшитганмиз. Шошилиб, бегуноҳ бир одамнинг қарғишига қолиб кетмайлик. Айтмоқчи, ўттиз саккизинчи йилда ким тергов қилган экан?
— Муҳаммедшин, нима эди?
— Назаримда, худди капитан Жабборов тергов қилганга ўхшайди. Қирқбелдан қайтаётиб у билан айтишиб олдик, — Солиҳов шундай деб бўлган гапларни қисқача баён қилди. — У яна даври келишига ишоняпти.
— Ишонишига асос бор, — деди Рамазонов вазминлик билан. — Улар кўпчилик. Ҳозир пана-пана жойларда жон сақлашяпти. Об-ҳаво уларга сал мосланса, яшнаб кетишади. Об-ҳаво ўзгарувчан, ҳар нарсани кутиш мумкин. Бу тоифа Сталинга қандай садоқат билан хизмат қилган бўлса, Гитлерга ҳам шундай хизмат қилиши мумкин эди. Сиз шунақа одамлардан нафратланасиз, тўғрими?
— Нима қилиш керак бўлмаса? Бировни пичоқлаган ёки отган одамни кечирса бўлади. Буларни-чи?
— Мен нафратланмайман, ачинаман буларга. Бу соҳада бир умр ишлашмайди-ку, тўғрими? Эрта-индин қариган чоғида ўзи қамаб юборган бир одамни кўчада тасодифан учратиб қолса нима қилади? Мен декабрчилар ҳақида ўқиган эдим. Сўзидан қайтмаганлар сургун қилингани ҳолда тонганлар, сотганлар, хоинлар базму жамшидда юраверганлар. Охир-оқибат сургундагилар афв этилиб Петербургга қайтишганида халқ уларни олқишлаб қарши олган. Тонганлар, сотганлар эса кўчага ҳам чиқолмай қолган. Ана энди ўйланг: жазога тортилганлар кимлар эди? Сургун азобини тортганларми ё иссиқ ўринда қолганларми? Жабборовларнинг тақдири шуларга ўхшамайдими? Бориб-бориб кўршапалакка ўхшаб яшаб, ўлиб кетмайдиларми?
— Сизнинг ўхшатишингиз менга маъқул келмади, — деди Солиҳов, — Декабрчиларнинг ўша хоинларида ҳам аввал маслак бўлган. Фақат сўнгги дақиқада қўрқоқлик қилиб дўстларини сотишган. Агар кўчага чиқолмай қолишган бўлса, демак, озгина инсофлари бор экан. Жабборовларда инсоф, уят борлигига ишонмайман. Мана, кеча ўзим кўрдим шундай учрашувни. Тўғри, Даминни у қамамаган. Лекин барибир ҳамкасбларининг қилмиши учун ҳам уялиши керак-ку? Минглаб хонадонларда оналарнинг, хотинларнинг, фарзандларнинг қарғишларини эшитиб ҳам юраги титрамас буларнинг. Шуларни эсласам, истеъфога чиқиб кетгим келади. Мен ўғрилару қотиллар билан олишиб келдим. Лекин қаердадир, қайси ишдадир чалғиган бўлишим мумкин. Кимнингдир тақдирига доғ теккизгандирман. Хўш, бу гуноҳларимга нима дейман?

Санжар бу саволни ўзига-ўзи берганди. Рамзиддиндан жавоб олиш нияти йўқ эди. Шунинг учун унга тикилиб қарамади. Нигоҳини нотайин бир нуқтага қадади. Иш юзасидан бошланган савол-жавобнинг руҳиятга таъсир этувчи оҳангга бурилиши Рамзиддин Рамазоновга ҳам таъсир этди. У жавоб беришга мажбур эмаслигини билса-да, бироз ўйга чўмиб, сўнг сўз бошлади:
— Гуноҳдан ҳеч ким фориғ эмас. Гап қандай шароитда гуноҳ қилинганида. Агар билиб туриб қилинган бўлса «Улар — жабборовлар, биз — бу бизмиз!» деб кўкракка муштлашга ҳожат йўқ. Жабборовларни муҳокама қилиб айблашга ҳам ҳаққимиз йўқ.

Солиҳов саволни ўзига-ўзи бергани каби, Рамазонов ҳам жавобини худди ўзига-ўзи айтаётгандай оғир-босиқлик билан гапирди. Гап оҳангида кесатиқ ҳам, ўпка-гина ҳам, айблаш ҳам йўқ эди. У ана шу вазминлиги билан ногаҳоний бу суҳбатга нуқта қўйди.

Капитан қоғозларини олиб чиқиб кетгач, бироз уриниб, чарм қопламаси титилиб қолган ўриндиққа ўтиб ўтирди. «Бу ишларга ярамай қоляпман шекилли. Рамазонов боплади мени. Жиззаки бўлиб боряпсиз, демасдан туриб жиззакилигимни айтди, — деб ўйлади у. — Қойил қолиш керак унга. Ўзи турган-битгани шуми ё урушда ўлим кўравериб, қон кўравериб, даҳшат кўравериб, совуққон бўлиб қолганми? Йўқ, палаги тоза бунинг. Уруш кўрганларнинг аксари асабий, мендан баттар жиззаки. Балки Рамазановнинг шу ақли уни урушдан омон олиб чиққандир. Унга қараб минглаб ўқлар отилган, у эса тирик қайтган. Омадданми ё ақлданми бу? Кўпроқ ақлдандир. Аслида у менга эмас, мен унга ёрдамчи бўлишим керак экан. Бунақа нозик ишларда тажриба эмас, ақл асқотади. Аммо бунақа ақл билан ишлаш қийин бўлади. Ён-атрофимизда ақлдан кўра ҳиссиётга суянадиганлар кўп. Қўлимизда эса ақлни тан олмайдиган идораларнинг кўрсатмалари, чизган чизиқлари бор. Капитанга шуни айтиб қўйишим зарур...»

Солиҳов бироз шу зайлда ўтиргач, Шариповникига боришни мўл ўрнидан турди.

Кечагина Дайдидара, Қирқбелда бебошлик қилган изғирин бугун довонларни писанд қилмай ошиб келиб, шаҳар кўчаларида сарсари кезарди. Айрим дарахтлар изғирин шамолнинг ёлғон гапларига ишониб, ечинмоққа киришганлар. Шамол уларнинг баргларини юлқиб олиб кўчаларда ўйнайди. Ўйнай-ўйнай зерикади-да, чанг-тўзонга аралаштириб бурчак-бурчакларга тиқиб, жимиб қолади. Сўнг яна қўзғалиб, яна шумликларини бошлайди.

Санжар Солиҳов кўчага чиққач, дайди шамолга рўбарў келиб плашининг ёқасини кўтарди. Фуражкасини бостириброқ қўйди-да, трамвай йўли томон тез-тез юрди. Шаҳарни иккига ажратиб турган анҳор кўпригидан ўтгач, юриб кетаётган трамвайга чаққонлик билан чиқиб олди.

Эски шаҳарга етгач, трамвайдан тушиб, бозор кўчаларидан юриб ўтди. Ресторанлар олдида одам сийрак, шамол туфайлими бозор ичи ҳам гавжум эмасди.

Сиддиқ Шариповнинг дарвозаси берк экан. Маёр дарвозани бир неча марта тақиллатди. Энди кетаман, деганда ичкарида шарпа сезилди. Кейин аёл кишининг «ким?» деган хаста овози эшитилди.
— Мен маёр Солиҳовман, милитсияданман. Тунов куни келган эдим. Сизлар билан яна гаплашишим керак.

Ичкаридан садо чиқмади.
— Эшитяпсизми гапимни?
— Эшитяпман... уйда ўғлим йўқлар.
— Сиз... Шариповнинг оилаларимисиз?
— Ҳа.
— Сиздан сўрайдиган гапим бор.
— Ўғлим йўқлар.

Солиҳов «мен ўғлингиздан эмас, сиздан сўрамоқчиман», демоқчи эди, аёлнинг мақсадини тушуниб қолди. Эркаги йўқ уйга кириш одобдан эмаслигини унутаёзган, иш юзасидан деб бостириб кираверишга ўрганиб кетган экан. Ичкаридаги хаста овоз унга бундай қилиш яхши эмаслигини англатиб қўйди. Чўнтагидан чақирув қоғози олиб ёзди-да, дарвоза тирқишига қистирди.
— Бу қоғозни ўғлингизга бериб қўйинг, эртага идорага борсин.
— Билмасам, вақтлари бўлармикин, ишдалар.
— Бу қоғозни кўрсатса, ишдан рухсат беришади. Кечикмай борсин. Айтмоқчи, қаерда ишлайди ўғлингиз?
— Ўзларидана сўрайсиз.

Солиҳов ажабланиб бош чайқади-да, изига қайтди. Муюлишда бир фикр хаёлига келиб чойхонага қараб юрди. У ерда икки йигит шахмат суриб ўтирарди. Чойхоначи деразадан Солиҳовни кузатиб турганмиди, кириши билан дарров пешвоз чиқди. Шахмат ўйнаб ўтирган икки йигит унга бир назар солишдию салом бериб, яна доналарига тикилишди. Чойхоначи ликопчага беш-олти парварда солиб, бир чойнак чой билан келтириб қўйди.
— Раҳматли Сиддиқ охунникига фотиҳага келганга ўхшайсиз. Кеча бош ҳадмни беришди. Йўлчивой бугун ишдадир. Бечораларга жавр бўлди. Бинойи юрган эди. Қўли очиқ одам эди раҳматли. Шу ҳовлини сотиб олганидан кейин, кўчиб келмай туриб бир қўй сўйиб худойи қилди. Кўчиб келганидан сўнг маҳаллага ош берди. Кимнингдир қасди бор экан-да, а? Сизам охунларданмисиз дейман-а?

Солиҳов кулумсираб иягини силаб қўйди.
— Охунга ўхшарканманми?
— Одам одамга ўхшайди-да.
— Сиддиқжон аканинг сиҳатлари яхшимиди?
— Ҳа, ҳали бақувват эди раҳматли. Оқсаб юриши демасангиз тўрт мучаси соппа-соғ эди. Ҳафтада икки марта улфатлари билан шу чойхонада ошхўрлик қилишарди. «Хитойда лағмон еявериб совуғим ошиб кетди», деб ҳазил қиларди раҳматали.
— Улфатлари шу маҳаллали кишиларми?
— Муродилла ака, Рўзижон шу маҳаллада туришади. Қолганлари ҳар ердан... — чойхоначи шундай дейишга деб қўйиб Солиҳовга савол назари билан тикилди. — Ўзлари ким бўладилар, жуда суриштириб қолдилар?
— Мен... милитсияданман, қотилни излаб юрибман.
— Ҳа... шундай демайсизми, сизни фотиҳачи деб ўйлабман.
— Сиддиқ Шарипов улфатларидан биронтаси билан гап талашиб қолмаганмиди?
— Бе, ёш болами улар. Ароқ ичишмаса. Бари намозхон. Ошни еб, чойни ичиб, чақчақлашиб ўтиришарди. Ошни ўзим қулинг ўргилсин қилиб дамлаб берардим. «Қашқарда Ислом охуннинг лағмонини, бу ерда Жўравойнинг паловини емаган одам дунёга келмадим деса ҳам бўлади», деб мақташарди мени. Агар улфатлар билан ўтириш ниятингиз бўлса, чойхонани бегона қилманг, хизматингизга шаймиз. Сиздек одамларга хизматни қилсак, бошимиз осмонда-да.
— Гап-сўзларида Қашқардаги турмушларини ҳам эслашармиди?
— Ҳа, эслашарди. Лекин мен тайин ўтириб эшитмаганман гапларини.
— Бирон бир одамдан нолишганми ё фалончи бекор келди бу юртга, дейишганми?

Чойхоначи ўйланди. Сўнг «Йўқ», деб бош чайқади.
— Сиддиқ Шариповнинг ўлимидан олдин бу уйга нотаниш ёки юриш-туриши шубҳали одамлар келмаганмиди?
— Очиғини айтсам, уйларини кузатмаганман. Ўша воқеадан кейин дам-бадам қараб-қараб қўядиган бўлибман, ўзим ҳам ҳайронман.
— Бир марта савдойироқ одам билан ёқа бўғиб туришганини кўрганман мен, — деди шахматчи йигитлардана бири. Афтидан, уларнинг кўзлари шахматда бўлса ҳам қулоқлари бу ёқда эди.
— Қайси савдойи? — деди чойхоначи унга қараб.
— Пешонасига ёзиб олган-чи?
— Ҳе, эси йўқ, қанақасига савдойи бўлсин у, тақводор одам, — чойхоначи шундай дегач, Солиҳовга қараб изоҳ берди: — Нариги маҳаллада Жаҳонқори деган одам борлар. Қироатлари жуда яхши-да. Одамларга қўшилмайроқ юрганлари учун булар савдойи дейишади.

Солиҳов ўрнидан туриб, йигитларга яқинлашди.
— Ўйинларингизга халал бераман энди, йигитлар, — у шундай деб чўнтагидан Жаҳонгирнинг суратини олиб кўрсатди, — шу одамми?
— Ҳа, шу, — деди йигит.
— Қачон кўрган эдингиз?
— Охун ака ўлмасларидан ўн кунча олдин.
— Қай вақтда?
— Эрталаб азонда.
— Нима қилишаётган эди?
— Савдойи Охун акани ёқасидан ушлаб олган экан. Бир нималар деяётган экан, эшитмадим. Урушяпти, десам, секин гапиряпти, тинчлик билан турибди, десам, ёқасини бўғиб олган.
— Аниқроқ айтинг: бўғиб олганми ё ушлаб олганми?

Йигит ўйланди.
— Аниқроқ айтсам: Охун акам чопонда эдилар. Оёқларида махси эди шекилли. Ё ишга кетаётган маҳаллари бўлган ё бомдоддан қайтган маҳаллари. Савдойи шу тўннинг калта ёқасини чангаллаб турган бўлади-да.

Солиҳов булардан бошқа тайинли гап ололмади. Йўлчивойнинг қачон қайтиши номаълум эди. Шу боис идорага йўл олди.

«Сиддиқ Шарипов оқсайди... Сиддиқ Шарипов оқсайди... Муҳаммадризаевнинг акаси ҳам оқсаган, — деб ўйлади маёр Солиҳов, — Жаҳонгир тонгда Шариповнинг ёқасидан олган... Улар Дайдидарага нима учун боришган? Муҳаммадризаевнинг босган излари бизга маълум. Шарипов-чи? Ота маконини ташлаб кетган. Ўттиз йилдан кўпроқ мусофирликда яшади. Нима учун кетган эди? Нима учун қайтиб келди? Кўнглига ғазаб тошларини йиғиб кетгани аниқ, бу тошлар эриб, меҳр сувига айлангани ростми? Балки уни зўрлаб олиб кетишгандир? Йўлчивой... Йўлда туғилгани учун шундай ном қўйилганми? Қайси йўлда туғилган? У ота юртига қандай кўнгилда келди? Ишларимиз хўб ажойиб. Дам отамизни ҳам танимаймиз, дам кўнглимиз дарвозаларини ланг очиб юборамиз. Булар оғир кунларда юртларини ташлаб кетишди. Халқ бу ерда, ўттиз йил бадалида очарчиликни кўрди — одамлар очликдан шишиб ўлдилар. Мозорларга ўликлар сиғмай кетди. Халқ урушни кўрди — дев йигитлар қирилди. Бир бурда қора нон учун тонгни тунга, тунни тонгга улади. Халқнинг дастурхонига эндигина нон чиққан эди. Қозонига эндигина эт тушган эди — булар етиб келишди. Тўкис-тугал мол-мулклари билан қайтишди. Ўз ерларига қайтишди, ўз халқи бағрига қайтди улар. Улар бегоналар эмас. Лекин шу дастурхондаги нонга ҳақлари борми? Энди ўзларини ҳотамтой кўрсатиб маҳаллага ош тортишга ҳақлари борми? Ақалли биронтаси халқ олдида тиз чўкиб тавба-тазарру қилдими? Йўқ! Ана шуларнинг бирини отиб кетишди. Мен унинг қотилини топишим керак... Топаман ҳам. Жабрланувчи ким бўлишидан қатъи назар, жиноятчини топиш — бурчим. Лекин... жиноятчи ҳам мен ўйлагандай фикр қилган бўлса-чи? Муҳаммадризаевни сўроққа чақирганимда у менга шу саволни берса-чи? Нима деб жавоб қайтараман? Оқлайманми?.. «Булар алдовга учраганлар, мусофирликда дардлар чекишди», дейманми? «Олиб қайтган мулкларига қараганда дардлар чекишганга ўхшамайди», деса-чи? «Булар орасида камбағалини кўрмадим», деса-чи?

Солиҳов бора-боргунча шу зайлда ўзи билан ўзи баҳслашди. Хорижга кетиб қолган ўзбеклар қайта бошлаганида Рамазонов билан ҳам баҳслашган эди. Ўшанда Рамазонов «Уларни Ватан меҳри тортиб келяпти. Улар Ватанни сотганлари йўқ. Тинчликларини кўзлаб бошпана излаб кетишди. Тарихда бундай воқеалар кўп бўлган. Бутун-бутун эл-элат кўчган. Шуҳарларни, қишлоқларни ҳувиллатиб кўчиб кетишган. Биз уларни хоин, сотқин ҳисобламаймиз-ку», деган эди. Солиҳов унинг фикрига қўшилган эди ўшанда. Бироқ онгида дастлаб уйғонган фикр бугунгига ўхшаб қўзғалиб қўярди.

Эртасига белгиланган вақтга Жаҳонгирни ҳам сўроққа чақиртирди. Унинг нияти Йўлчивой билан Жаҳонгирни учраштириш эди. Бироқ Йўлчивой кечикди. Солиҳов навбатчига «Йўлчивой Шарипов келиши билан мени огоҳлантиринг», деб сўроқни бошлади:
— Бу ердаги туриш-турмушингиздан шикоятингиз йўқми? — деди Солиҳов вазмин ўтирган Жаҳонгирга зимдан тикилиб.
— Туриш-турмушим... — Жаҳонгир ҳазин жилмайди. — Аввалларига солиштирсам — шоҳона яшаяпман. Ҳарҳолда оёқ узатиб ётадиган ўрним бор. Энди сал эсларингиз кирганга ўхшайди. Олдин жойнинг ҳисобини қилмай олиб келиб тиқаверардиларингиз. Икки кишилик хоналарда йигирма кишилаб ётганмиз. Ғинг демаганмиз. Энди турмаларингизга ҳавасга келиб ётса арзийди. Менинг шикоятим йўқ, аммо бир илтимосим бор.
— Айтинг.
— Замон ўзгарди, деяпсизлар-а? Агар шу гап чин бўлса — илтимосимни бажаринг. Собитов деган бир бечорани қийратиб қамабсизлар. Болаларини кўмишга ҳам қўймабсизлар. Собитовни биласизми, хотинини чопиб ташлаган экан.
— Ҳа, эшитдим, гапираверинг.
— Ўшани қандай бўлмасин, отишга ҳукм қилиш керак. Ёрдам беринглар.

Солиҳов бу гапни эшитиб, ажабланди. Жаҳонгирнинг пешонасига унинг яширин мақсади ёзиб қўйилгандай қаттиқ тикилди.
— Нимага? — деб сўради у Жаҳонгирдан кўз узмай.

Жаҳонгир ҳам унга тикка қаради. Шунда Солиҳов бу кўзларда макр йўқлигига ишонч ҳосил қилди. Жаҳонгирнинг кўзларида макр эмас, маъсумлик бор эди.
— Унга раҳм қилинглар, — деди Жаҳонгир. Энди унинг овозида дадиллик йўқ эди. Энди у эзилган, хўрланган бир одам овози билан гапирарди. — Тирик қолса жинни бўлади. Хор бўлиб ўлади. Отсаларингиз бир бечоранинг жонини азоблардан қутқарасиз.
— Буни биз эмас, суд ҳал қилади, биласиз-ку?

Солиҳов дард билан айтилган илтимосга шундай совуққонлик билан жавоб қайтарди. У Жаҳонгирнинг дардини ҳазм қила олмас эди. Унинг қалбида бундай дардга, раҳмга, меҳрга ўрин йўқ эди. Жаҳонгирнинг дардига шерик бўлиш учун, ёрдам беролмаган тақдирда ҳам, жилла бўлмаса умидбахш жавоб қайтариш учун у ўша бечора отанинг аламларини ҳис қилиши керак эди. Бу аламни Жаҳонгирдай ҳис этиш учун эса фарзанд ҳажрида ўттиз йил куйиши керак эди. Солиҳовнинг бошидан бундай балолар ўтмаган, алалхусус, уни бедардликда айблаш ҳам ноўрин бўлар.

Жаҳонгир Солиҳовга тикила туриб, унинг совуққон жавобидан ажабланмади. Терговчиларнинг бундан баттарини кўрган, бундан баттар совуқ гапларни эшитган. Йўқ, гап оҳангидан таажжубланмади. Унинг ҳайрон қоладиган жойи бошқа ерда — «Оллоҳ одамзодни бир-бирига раҳм-шафқатда яратган экан, қани бу раҳм-шафқат, қайларда қолди?» Жаҳонгир рўбарўсидаги одамга шу савол назари билан тикиларди.
— Ҳа, биламан, — деди у ниҳоят. Энди унинг овозида эзилиш оҳанги йўқ эди. Энди у афсус билан гапирарди. — Эсиз, яхши замонлар ўтиб кетибди-да, а? Уч киши, «ҳа», деб қўйса масала ҳала эди. Замон чатоқ бўлибди, начайник.

Солиҳов бу гаплар кесатиқми ё чинми, фарқламай ҳайрон эди. У яна бир нарсага ҳайрон: кечагина ўзига сўнгги ўқни сўраётган одам бугун бошқа киши учун ҳам тиланяпти. Бу меҳрибончиликми? Собитовни азобдан қутқаринг, дейди. Ўзи-чи, ўзи нимадан қутулмоқчи? Солиҳов бу саволга Жаҳонгирнинг кўзларидан жавоб излади. Ҳозирги маъсум кўзларда энди ҳеч бир маъно йўқ эди. «Одам зоти васваса ҳолга етганда кўзларидан маъно қочарди. Бу одамга нима бўлди?»

Солиҳов хаёлини йиғиштириб муддаога кўчди:
— Муҳаммадризаев, акангиз оқсар эдими? — деб сўроқни бошлади.
— Акам йўқ менинг, — деди Жаҳонгир эътиборсиз оҳангда.
— Хорижга кетиб қолган акангизни айтяпман. Исми Оламгир эди шекилли? Яна ҳам аниқроқ айтсам — ота бир, она бошқа акангиз.
— Етти пуштимизда чўлоқ бўлмаган.
— Шарипов ҳам оқсамаганми?
— Уни танимайман, юрганини кўрмаганман, деб айтдим-ку?
— Муҳаммадризаев, сизни Шариповнинг уйи олдида кўришган. Эрта саҳарда Шариповни ёқасидан олгансиз. Орангиздан нима гап ўтган?
— Айғоқчиларингиз айтишмадими, тўқиб-чатишга уста-ку улар?
— Улар айғоқчи бўлишганда, гапингизни қандай бўлмасин, эшитишарди. Улар ўша маҳалланинг йигитлари. Сизни танишар экан.
— Бу дунёда ким кўп — оғзига кучи етмаган одам кўп. Тил бесуяк, беназорат, истаган пайтдида тиш ҳатлайверади. Начайник, менга ҳар гапларни топиб келаверманг. Мен айтганидан қайтмайдиган одамман. Муҳлатингиз тугаяпти, агар ишни тезроқ юмалоқ-ёстиқ қилмасангиз ҳолингизга маймунлар йиғлайди. Кейин мен билан бунақа юмшоқ муомала қилиб ўтирмайсиз. Дўқ-пўписага ўтасиз, сўкасиз, урасиз. Ўшанда мен ҳам тўнимни тескари кийиб оламан. «Мен ўлдирмаганман, қотил учинчи из эгаси», деб туриб оламан. Ўшанда сиз мени қаттиқроқ ура бошлайсиз, қўлларимни қайирасиз, бармоқларимга болға урасиз, бурнимнинг учига папирос чўғини босасиз, тирноқларим орасига аигна санчасиз... Мен айтганидан тонмайдиган одамман, барибир «ўлдирмадим» деб туравераман, ҳа, начайник, бу ёғини ҳисобга олмаяпсиз. Хўп, деб турганимдан фойдаланиб қолинг.
— Сизга ўхшаган бир доно муаллим етмай турувди. Менга ким ақл ўргатаркин, деб гаранг эдим. Раҳмат сизга. Қарангки, феълимиз бир экан: мен ҳам айтганидан қайтадиган одам эмасман. Майли, сиз тонаверинг, сизни бехос сайратиб юборадиган далиллар бор ҳали. Қирқбелликлар Оламгирни унутишмаган. Бу ёқда Сергей Комлев бор.

Бошини эгиб ўтирган Жаҳонгир терговчига ялт этиб қаради: кечадан бери Сергейни эслаётгани бежиз эмас экан-да. Булар унинг ҳам изига тушишибди-да?
— Унга тегманглар, унинг алоқаси йўқ бу ишга.
— Шарипов — акангизми?

Жаҳонгир сонини илон чаққандек сапчиб туриб кетди. Солиҳовга бақрайиб қаради. Тили дарров гапга қовушмади.
— Сиз... гапни... унақа айлантирманг, начайник... Мен уни танимайман. Акам йўқ менинг, ўлиб кетган у! Йигирма иккинчи йилда! Довонда қор босиб ўлган.

Солиҳов мўлжални аниқ олганига ишонч ҳосил қилди.
— Яхши, — деди у хотиржамлик билан, — ўзингизни босинг. Мен гумонимни айтдим, бунча асабийлашмасангиз?

Телефон қўнғироғи жиринглаб, навбатчи Йўлчивой Шарипов келганини маълум қилди.
— Йўлчивой Шариповми, кираверсин, — деди Солиҳов атайин овозини кўтариб. Йўлчивойнинг номини эшитиб, Жаҳонгирнинг саросимаси ортди.
— Начайник, бугун бошқа жавоб бермайман. Қамоққа қайтаринг, Худо хайрингизни берсин, иложи бўлса ёлғиз хонага қўйинг.
— Ўйлаб кўрамиз. Балки сиздан тилхат олиб, чиқариб юборармиз.
— Нимага? Ўйлаб иш қилинг, начайник!
— Қотиллигингиз исботланмаяпти, сизни узоқ ушлаб тура олмаймиз. Ҳозир эса бир одам билан сизни юзма-юз қиламан.
— Керак эмас, мен хоҳламайман!
— Хоҳишингиз бизни қизиқтирмайди. Анави бурчакка бориб ўтиринг.

Хонага икки киши кириб, Жаҳонгирнинг ёнидан жой олгач, остонада Йўлчивой кўринди.
— Бу одамларга яхшилаб қаранг, биронтасини танийсизми? — деди Солиҳов.

Йўлчивой ўтирганларга бир қур назар ташлаб, Жаҳонгирни кўрсатди.
— Бу кишини бир-икки марта кўрганман, бизникига келганлар.
— Ўзлари келганмилар ё меҳмонга чақирганмисизлар?
— Ўзлари келганлар. Отам раҳматли билан дарвозахонада гаплашишган. Ичкари кирмаганлар.
— Ораларидан қаттиқ-қуруқ гап ўтмаганми?
— Фаҳмламаганман.
— Бу киши кетгач, дадангизнинг кайфиятлари бузилмаганми?

Йўлчивой ўйланди. У эслаш учун ўйга толмади. Аксинча, дадасининг саросимасини, онасига бир гапни пичирлаб айтганини, онасининг ҳушидан кетаёзганини айтиш ё айтмаслигини билмай ўйланди. Охири бир қарорга келиб, жавоб берди:
— Йўқ, бузилмаган.
— Сиз ёки онангиз Оламгир Муҳаммадризо ўғлини билирмидингиз?

Йўлчивойнинг ранги ўзгарди. Юзи учди. Жаҳонгирга худди ёш боладай жавдириб қараб қолди. Солиҳов саволига жавоб топгандай бўлди: бу катта бош, бу ўткир кўз, туртиб турган яноқ, қалин лаб, тўлиқ гавда овоз... ҳа, овоз ҳам Жаҳонгирни эслатарди. Солиҳов энди Жаҳонгирга қаради. Жаҳонгир Салиҳовнинг кашфиётини сезгандай бошини эгиб олди. Солиҳов:
— Оламгир Муҳаммадризо ўғлини эшитганмисиз? — деб саволини қайтарди.
— Йўқ... — деди Йўлчивой қатъиятсизлик билан.
— Дадангиз туғма оқсоқ эдиларми ё яраланиб, ё оёқлари синиб оқсаб қолганмилар?
— Дадам... туғма эканлар.
— Сиз Қашқар йўлида туғилганмисиз?
— Ҳа.
— Болаларингиз-чи?
— Ҳаммаси Қашқарда туғилган.
— Нечта болангиз бор?
— Уч ўғил, бир қиз.
— Исмлари нима?
— Каттаси Жаҳонгир, иккинчиси Зойир... учинчиси...

Учинчисининг исми Жаҳонгирнинг қулоғига кирмади. Кўкрагини бирнима қисиб келиб, томоғини ғиппа бўғди, кўз олди қоронғилашди. Узоқ-узоқлардан ғалати товушлар эшитди. Сўнг осмон билан ер туташган жойда дўмбоқ ўғил бола кўринди. Болакай ястаниб ётган поёнсиз лолазордан югуриб келиб, ўзини унинг қучоғига отди...

Ўғри

Капитан Рамзиддин Рамазонов учун Жаҳонгирнинг биринчи қамоқдан кейинги ҳаёти қоронғи. Чунки Жаҳонгирнинг бошидан ўтган воқеалар тергов ҳужжатларига тиркалмайди. Бу бобда ана шу воқеалар қаламга олинади.

Жаҳонгир лолазор оралаб югуриб келган дўмбоқчани қучоқлаганини аниқ эслайди. Ғалати товушлар ҳам эсида. Кейин-чи, кейин нима бўлди? Овозлар тинди. Лолазор оловга айланди. Ер юзи ловуллаб ёнди. Жаҳонгирга нима учундир аланга таъсир этмади. Фақат тутундан бўғилди. Оғир-оғир нафас олди. Кейин кураги ачишди — чўғ босилди шекилли. Сўнг ҳаммаси тинди — бошқа нарсани эслолмайди. Қанча ётганини ҳам билмайди. Узоқдан эшитилган овозлар ҳушига келтирди. Кўзини очай деди-ю, қўрқди: Йўлчивойни кўришдан қўрқди.

Yoʻlchivoyni dastlab koʻrganida yuragi jiz etgan edi. Muhtaram oʻquvchining yodida boʻlsa, mayor Solihov Yoʻlchivoyning shakli-shamoyilida Jahongirga xos belgilarni sezgan edi. Jahongir esa Siddiq oxun mahallaga osh bergan kuni xizmat qilib yurgan Yoʻlchivoyga koʻzi tushib, unda Xadichaning belgilarini ilg‘adi: uzun kipriklar, bejirim burun, chap yuzida kulgich, tutashgan qoshlar... Koʻrdi-yu, hatto osh oshalagan qoʻli muallaq turib qoldi. Sherigi «Ha, olmaysizmi», demaganida qancha vaqt nest boʻlib oʻtirishini oʻzi ham bilmasdi.

— Бу йигит ким? Танийсизми? — деб сўради у шеригидан.
— Сиддиқ охуннинг ўғли бўлса керак. Кўпинча бирга кўраман.

Ошга кириб келишаётганида эшик олдида Сиддиқ охун йўқ эди. Чиқишаётганда кўрди: ё, алҳазар!!! Ўттиз уч йил кутган дийдор куни шуми?! Ўттиз уч йил Худога нола қилиб акаси билан учраштиришни сўраганида дийдор чоғида баданимга муз югуртир, оёқларимдан дармонни ол, тилдан қолдир, демаган эди-ку? Нима бўлди унга? Нима учун оёқлари зил-замбил бўлиб қолди? Нима учун кўз олди қоронғулашди? Нима учун ҳамиша ёниқ турган онг чироғи хиралашди? Юраги-чи? Тўхтаганга ўхшайди... Шериги билагидан олиб, «Маза қочдими, қори» демаганида шу ерда йиқилиб қолиши ҳеч гап эмас эди.

Ўшанда икки ака-уканинг кўзлари учрашди! Бир жуфт кўз — бу кунни ўттиз уч йил кутган кўзлар олдига кутилмаганда парда тортилди. Бошқа бир жуфт кўз — бу учрашув содир бўлишини истамаган кўзлар эса чўғдай ёнди! Аммо бу ёниш узоқ давом этмади. Ёнди-ю, ўчди! Чунки бу кўз эгасининг юраги жон ришталари узилиши аниқ эканини сезган эди. Ота юртига кела-келгунча «ажал ҳайдамаётган бўлса бас», деган хавотири бор эди. Шу онда хавотири чинга айланди. У ўзини йўлбарс яшайдиган қафасга тушиб қолган бечора одам, деб ҳис қилди. Йўлбарснинг қорни тўқми, уни қачон ейди, мана шугина муаммо эди.

Жаҳонгир Йўлчивойни яна кўриш учун бир неча марта йўл пойлади. Кўрди ҳам. Лекин унга яқинлашишга, сўзлашишга журъати етмади. Қалбининг қаеридадир яширинган бир овоз «Шу сенинг ўғлинг!» дерди. Акаси биринчи суҳбатда хунук хабар етказди. Терговчи ҳузуридаги бу учрашувга қадар Жаҳонгир икки ўт орасида эди. Йўлчивой фарзандларининг исмини айтаётганда шу пайтгача «Шу сенинг ўғлинг», деб шивирлаётган ғойибона овоз бирданига «Сенинг ўғлинг шу!» деб ҳайқириб юбордию ҳушини олди.

Ҳозир кўзини очса, яна Йўлчивойни кўради. Ғойибона овоз ҳайқиради... Йўқ, ғойибона овоз эмас, ўзи ҳайқиради: «Ўғлим, жоним болам, ўттиз уч йил сени хаёлан бағримга босиб яшадим, кел энди, чинакамига бағримга олайин!» дейди. У-чи? У нима дейди? Дарров ишонадими? Ишонмай-чи? Унда нима учун ўғлига «Жаҳонгир» деб исм қўяди? Балки... Хадича қўйгандир бу исмни. Ундан ёдгорлик деб қўйгандир... Хадича мени ўлдига чиқаргандир. Лекин нима учун Йўлчивой Сиддиқ охунни «дада» дейди? Боқиб катта қилгани учунми? Унда нима учун акам яширди?!»

Жаҳонгир бу саволларига тезроқ жавоб олиш учунми, шарт кўзини очди. Оппоқ шифт булутли осмон бўлиб кўриниб, ажабланди. Кўзини юмиб-очди. Фикри бироз равшан тортди. Терговчининг хонасида ўтирган эди, бу ерда эса ётибди. Қўл-оёқлари ўзига бўйсунмайди — қимирлатай деса, қимирламайди. Овозларга қулоқ тутди — узоқдан эмас, шу яқин орадан эшитиляпти. Кимлардир паст овозда гаплашишяпти. Гапирай деса оғзи очилмайди, лаблари қуриб, бир-бирига ёпишиб қолгандай.
— Кўзини очди шекилли?

Жаҳонгир овоз келган томонга қарамоқчи эди, бошини буролмади.
— Лабини ҳўллаш керак...

Лабига сув томгандай бўлди, тамшанди. Назарида кимдир унга муздек булоқ суви тутгандек эди. У ютоқиб, кўзларини юмиб, ҳузур қилиб ича бошлади. Ича-ича бир челакни бўшатди, иккинчисини... сув қаёққа кетяпти, билмайди. Ичаверади, ичаверади... Сувга тўйиб, атрофига қараса — Қирқбелда, ҳовлисининг ўртасида турибди. Ҳаммаёқ оппоқ қор. Дадаси ҳовли четида — қазосини топган ерда оёқяланг турибди. «Дада, шамоллаб қоласиз», деса эшитмайди. Жаҳонгир унга интилди. Қор учқунлари чирпирак бўлиб тўзиб, уни учириб кетди. Жаҳонгир уча-уча ҳориди. Бошқа юртларга бориб қолди шекилли, димоғига ўзгача ҳаво урилиб, кўнгли беҳузур бўлди. Ҳозиргина икки челак булоқ суви ичган эди, ичаётган дамда ҳам ичи куймаганди. Энди ташналик куч кўрсатди. Беихтиёр сув, деб пичирлади. Яна юзига сув томди, яна челакдан симирди. Бирдан... челакни тушириб юборди. Сесканди. Шу сесканиш асносида кўзини очди. Хира парда ортида оқ шифтни, оқ шифтнинг бир парчасини тўсиб турган опачоқ бурунли нотаниш юзни кўрди.
— Э, бормисиз пахан, кўзни очинг. Шу юрак билан юрибсизми, паханман, деб.

Пачоқ бурунли юз кулимсиради. Бу юз мана шу пачоқ бурунни кўтариб юришдан бошқа нарсага ярамасди. Ўлим чоҳидан изига қайтган Жаҳонгир кўзини очиб, шу ножўя кашфиётни кўрдию кўнгли беҳузур бўлди. Яхши ҳамки бу пачоқ бурун шунчаки кулимсиради, ишшаймади. Унинг ишшайганини кўрган юзлаб одам неча кун, неча тун ё ухламайди, ё овқат емайди — буниси Яратгангагина маълум.
— Пахан, қутулиб чиққандан кейин бир эрийдиган бўлдингиз. Жаҳаннамнинг оғзидан шарт тортиб олдим ўзим.
— Бекор... қилибсиз...

Жаҳонгирнинг оғзидан базўр чиққан бу гапни эшитиб пачоқ бурун унга ғалати қараб олди.
— Одам зотига яхшилик ёқмайди, — деди у тўнғиллаб. — Жаҳаннамнинг оғзидан тортиб олдим, десам, «бекор қилибсиз» дейди. Ў, пахан, раҳмат демасангиз ҳам майли. Лекин ўладиган бўлсангиз, бу ерда ўлманг, бошқа жойга бори-иб... ёки жуда шу катакда ўлгингиз келса, мен чиқиб кетгандан кейин бемалол жўнайверинг, — у узун ҳуштак чалиб қўйди, — ўша ёққа. У ёқда ошна-оғайнилар кўп, салом айтасиз биздан. Шоқолнинг ишлари беш, яқин орада бу ёқларга келмайди, кутмаларинг, дейсиз. Шоқол — бу менман. Шоқосим десангиз ит ҳам танимайди. Шоқол десангиз ҳамманинг оғзи очилиб қолади. Бу дунё ҳали Шоқолдай ўғрини кўрмаган.
— Ўғримисиз?.. — деб сўради Жаҳонгир.
— Ўғриман, пахан. Ўғри бўлганда ҳам зўриман. Буни яширмайман. Қўлидан келса ушласин, қамасин. Бир занғарга рўбарў келмаганимда ушлолмасдиям, қамамасдиям. Хитойдан келганлардан биттасининг изига тушувдим. Лойиниям, тилласиниям исини олувдим.
— Ким? — Жаҳонгир бўғилиб, кўзи катта-катта очилди.
— Кимлигини билмайман, пахан. Оқдўппи маҳаллада уйи. Танишлардан борми у ерда?
— Йўқ.
— Хуллас, пайт пойлаб кетига тушдим. Мўлжалим бўйича уйда бир йигитча қолиши керак эди. Лекин у йигитча эмас, азроилваччанинг ўзи экан. Ярим кечада уйни шип-шийдам қилиб чиқаётсам, рўпарамда турибди. Э, бунақаларни бир калла қилиб энасиникига жўнатворардим. Энди калла қиламан, десам, қўлини бир бало қилиб айлантирди, бир бало деб чинқирди, қўли айланиб туриб, оёғи жағимга қандай тушди, ҳайронман. Бир нафасда дабдаламни чиқарди. Уришга урди-ю, анавиларга «ҳеч нарса олмади», деди. Бу аҳволимни енгиллаштиради, кўп ўтирмайман. Лекин «ҳеч нарса олмади», деб ўзлари ҳам қутулиб қолишди-да. Тиллаю «лой»лар буларнинг ҳужжатларига тиркалса, нақ энасини кўрарди-да. У бўлди, бу бўлди, жағим сингани қолди. Мана, худо, деб ўтирибман. Ҳукуматимиз одил-да, аввал тузатади, кейин қамайди. Сиз ўлиб кетаверсангиз ҳам бўларди, лекин сизни тузатишади. Чунки сизни отишлари керак. Ўзингиздан ўзингиз ўлиб қолсангиз кимни отишади? Нима билан тушганингизни эшитдим, пахан. Борадиган ерингиз тайин. Лекин хафа бўлманг. Битта бошга битта ўқ. Бошқасининг кераги йўқ. Менга ҳам аталгани бордир. Ҳозир йўқ бўлса, заводда атай Шоқолга атаб алламбало ўқ ясалаётгандир. Ҳали у томонларда ҳам учрашиб қоламизми... — У ишшайди. Жаҳонгир унинг афтини, сарғайган сўйлоқ тишларини кўриб кўзларини юмиб олди.

«Бу шоқол эмас ё иблиснинг ўғли, ё жияни, — деб ўйлади у. — Жаҳаннам оғзидан тортиб олдим, дейди. Балки мен ҳозир жаҳаннамнинг ўзидадурман. Бу махлуқ ҳадемай ўчоққа ўт қалай бошлар. Ҳарҳолда бу одам боласи эмас. Қани, калима келтирай-чи: ла илаҳа иллаллаҳу..» Жаҳонгир кўзини очса — Шоқол йўқ. «Ҳа, алаҳсирабман, ла илаҳа иллаллаҳ...»
— Пахан сизнинг жонингизни менга топширишган. Шўрванинг сувидан олиб қўйганман. Ичиш керак. Қани, Сариқ, ёрдам бер.

«Алаҳсирамаган эканман».

Сариқ дегани — малладан келган киши, унга энгашиб, қўлини ёстиқ тагига тиқди-да, қаддини бир оз кўтарди. Шоқол алюмин кружкадаги шўрвани унинг лабига олиб келди. Жаҳонгир истамаса ҳам зўрлаб ичирди.
— Ҳукуматни инжитманг, пахан. Очдан ўлиб қолсангиз, сизга аталган ўқни нима қилади?

Бу унинг ҳазили эди — яна ишшайди.

Шўрвани ичиб олгач, Жаҳонгирнинг оёқ-қўлига жон киргандай бўлди. Тили ҳам ўзига бўйсина бошлади.
— Шоқол, шеригингиз ҳам ўғрими? — деб сўради Жаҳонгир.
— Э, йўқ, бу аммамнинг бузоғидан ўғри чиқмайди. Ўзи олимми, бир бало. Қўшнисининг қизалоғига иштаҳа қилиб қолибди. Жиғини эзиш керак бунақаларнинг. Ҳали борадиган ерида адабини ейди. Ўғрилик гуноҳ эмас, бузуқлик гуноҳ, нима дедингиз, пахан?
— Тўғри. Ўғрини яхши кўраман...
— Бормисиз, пахан, гапиринг. Шоқолни аввал ҳам эшитганмисиз?
— Йўқ. Сиз... Бургутни эшитганмисиз?
— Бургутми?.. Йўқ, эшитмаганман. Ё... ўзингизмисиз?
— Йўқ. Мен ҳазар қиламан ўғриликдан.
— Пахан, тушунмадим, яхши кўрасизми ё ҳазар қиласизми?
— Бир ўғрини яхши кўраман. Аммо ўғриликдан ҳазар қиламан. Бургут менга яхшилик қилган — ўлимдан асраган.
— Менга ўхшаган экан-да?
— Йўқ, сиз чакки қилдингиз.
— Бу, пахан дейман, бошни у-бу нарсага уриб олмаганмисиз? Гапларингиз алмойи-алжойи-ку, а?

Жаҳонгир жавоб бермай аста кўзини юмди. У бир неча оғиз сўз айтиш билан толиққан, гапга чоғи келмай қолган эди. Чоғи келганда ҳам Шоқолга тушунтириб ўтирмас эди. Унинг Бургут билан учрашгани, Бургутнинг уни ўлимдан асраб қолгани икки кишигаю Худогагина маълум. Жаҳонгир бу ҳақда бирон кимсага оғиз очмаган. Бу пачоқ бурунга айтиш нияти ҳам йўқ.

У ухладими ё яна ҳушидан кетдими, аниқ билмайди. Лолазор ҳам, қор босган ҳовли ҳам, қалин музликлар ҳам, муз қабрга қўйилган Зокирхўжа ҳам айқаш-уйқаш бўлиб кетди. Худди боши ичига дайди шамол кириб олиб, хотираларини хазондай тўзитиб юборган эди.

Шамол тингач. Бургут кўринди. Жуда аниқ-тиниқ окўринди. Оврупача кийиниб олган, бўйнида капалак нусха галстук, бошида ихчам шляпа, костюми яп-янги. Оқ кўйлагининг охори тўкилмаган. Бу кийимлар фақат шу қалдирғоч мўйловли, қора кўз, қора қош қотма йигитга аталиб тикилгандай — ўзига ёпишиб турибди.

Бургут ўттиз учинчи йилнинг ёзида унга шу кўринишда дуч келган эди.

Жаҳонгир қамоқдан қутулиб чиқиши билан «Э, қуёш!» деб ҳайқиришни умид қилган эди. Бахтига қарши уни тун қоронғусида озод этдилар. Ҳайқириғи ичида қолиб, буни ёмон бир нарсага йўйди. Совуқ ўлкага битта вагонда етиб келган эди. Бу ерларга келиш осон, қайтиш азоб экан. У поезддан бунисига чиқавериб ҳолдан тойди. Калтабинлик қилиб пешонасига ёздиргани ўзига жабр бўлди. Бекатларда ҳам, поездда ҳам одамлар ундан ҳайиқиб, моховга дуч келгандай ўзларини четга олишарди. Қамоқда берилган қаттиқ нон тугаб қолаёзди ҳамки, иссиқ ўлканинг иссиқ нафаси сезилмайди. Кундузлари тан бироз роҳат олади. Аммо кечалари муз устида ётгандек бўлади.

Юртда қаҳатчилик ҳукм сураётганини ҳам шу йўлда билди. Очликдан шишиб, кўчада ўлиб ётганларни кўрди. Инсоф қилинса мурда устига қоғозми, латтами ташланган, аксар мурдалар очиқ, териб олиб кўмишга одам, тобут етишмас эди. Бу мудҳиш манзараларни кўриб, Жаҳонгирнинг юрагига «юртимда ҳам шу аҳволмикин», деган ғулғула тушди. Бир кунга мўлжалланган нонни икки кунга етказиб, силласи қуриди.

Бир бекатда поезд ҳадеганда келавермади. Жаҳонгир халтачасини қучоқлаб, деворга суяниб ўтирган эди, рўбарўсида ораста кийинган, қўлида янги чарм портфел тутган йигит кўринди.
— Ассалому алайкум, — деди у.

Неча йил давомида унут бўлаёзган бу сўз қулоққа аллақандай ажабтовур эшитилди. Жаҳонгир «биринчи кўрган ўзбегимни қучоқлаб оламан», деб хаёл қиларди. Саломни эшитди-ю, ҳуши учди. Нима қилишни билмай қолди. Ҳатто алик олишни унутди.
— Қарасам, ҳамшаҳарга ўхшайсиз, қаерликсиз?
— Қирқбелданман, — Жаҳонгир шундай деб қўйиб, «Қирқбел»ни билармикин бу, деб ўйлади.
— Уйгами?
— Ҳа.
— Бирга кетар эканмиз. Мен бу ерга давлат иши билан келганман. Сиз нима қилиб юрибсиз?
— Қамоқдан қайтяпман. — Жаҳонгир шундай деб ўрнидан турди. Йигитнинг кўзига тикилди: кўзи ўйнаб турибди.
— Исмим Бургут. Сизники-чи?
— Жаҳонгир. Сиз давлат одами бўлсангиз, мен ўзига тўқ деҳқон боласиман. Сизнинг тилингизда унсурман, мен билан бирга кета олармикинсиз?
— Сиз ҳам, мен ҳам бу ерда мусофирмиз. Гапни сиёсатга бурманг. Агар малол келмаса менга ёрдам қилиб юборинг. Поезд ҳали-бери келмас экан. Унгача бир жойга борамизу қайтамиз.

Жаҳонгир «Барибир, бекор ўтирибман, борсам бора қолай», деб унга эргашди. Бургут шаҳарчани яхши биларканми, айланма кўчалардан тез-тез юрар, очликдан силласи қуриган Жаҳонгир унга аранг етишиб борарди.

Юра-юра уч қаватли бинога етдилар. Бургут тўхтаб, ён-атрофига аланглади-да, чаққонлик билан ўзини йўлакка урди. Жаҳонгир унинг изидан учинчи қаватга кўтарилди. Бургут чарм қопланган эшикни тақиллатди. Зум ўтмай эшик қия очилиб, гўштдор башара кўринди. Меҳмон ким келганини билишга улгурмай Бургут эшикни куч билан итариб очиб ичкари кирди. Паст бўйли, тепакал мезбон даҳлизда ҳайкалдай қотди.
— Ўртоқ Тозидуллин, омонмисиз, мана, илтимосингизни ерда қолдирмай келдик. Андак куттириб қўйганимиз учун узр. Бадхатроқ экансиз, турар жойингизни топгунча пича вақт ўтди. Кўп эмас, у, ойгина қидирдик уйингизни. Ҳамшаҳрим қамоқдан чиқиб келаётган экан, «Юр, дедим, қиёматли ошнам бор, паловхонтўрани дамлаб кутяпти», дедим. Палов тайёрми, ўртоқ Тозидуллин, кираверайликми?

Бургут шундай деб унга яқинлашди. Тозидуллин дегани бир қадам тисланиб тилга кирди:
— Келигиз, келигиз, плов тайёр, — деди у дудуқланиб.
— Қани, ҳамшаҳар, тортинманг, кираверинг. Ўртоқ Тозидуллин ўзимизнинг одам.
— Газидуллин, — деб ўзини таништирди мезбон.

Жаҳонгир ичкари кирди. Хона бир оз бетартиб эди. Газидуллин ё кеча меҳмон кутган, ё еб-ичиб йиғиштиришга эриниб, идиш-товоқни тўплаб қўяверган эди.

Бургут бориб диванга ўтирди-да, оёқларини чалиштириб олди.
— Ҳамшаҳар, келинг, ўтиринг, — деди Жаҳонгирга, сўнг мезбонга қаради: — Тозидуллин, ким айтади сизни давлат одами деб, шу ҳам тирикчиликми, одам турадими бу уйда ё молми? Тез йиғиштиринг. Кейин қорин ғамини енг. Вақтимиз зиқ, тез бўлинг.

Мезбон гавдасига ярашмаган ҳолда чаққон ҳаракат қилиб думалоқ стол устини бирпасда тозалади. Сўнг нон, колбаса, пишлоқ қўйди.
— Колбасанг чўчқаникимасми? — деди Бургут.
— Астағфируллоҳ, минда мусулман-ку! Чушка йўқ минда. Марҳамат килигиз, пожалуйста.
— Кўрдингизми, ҳамшаҳар, давлат одами жуда одобли бўлади-да.

Жаҳонгир қорни оч бўлса-да, дастурхон устидагилардан бир чимдим, бир чимдимгина еди. У Бургутнинг муомаласидан нохуш бир ниманинг исини сезиб турарди. Бу меҳмондорчилик дўстона учрашув самараси эмаслигини аллақачон фаҳмлаган эди. Бургут Жаҳонгирнинг зийрак зеҳни кўп нарсани илғаганини сезди. Шу учун кутилмаганда меҳмондорчиликка якун ясади. Энли сочиққа нон, колбаса, пишлоқни ўраб Жаҳонгирга узатди:
— Ҳамшаҳар, олволинг, йўлда асқотади. Ҳар бекатда гуллаб турадиган ресторанлар йўқ ҳозир. Ўртоқ, Тозидуллинга давлат нон-овқат бериб туради.

Жаҳонгир тугунчани истамайгина олиб, халтасига солди.
— Энди сиз мени кўчада пойлаб туринг. Биз ўртоқ Тозидуллин билан давлат ишларини гаплашиб олишимиз керак.

Жаҳонгир ўрнидан туриб халтасини олаётганида нигоҳи Газидуллиннинг кўзига тушди. Бир қоп гўштдай бўлиб турган бу одамнинг жавдираган кўзларида ҳадик зоҳир эди. Газидуллин дастлаб Жаҳонгирни ёлланган жаллод сифатида қабул қилиб, ўтакаси ёрилаёзган эди, энди эса кўриниши қўрққулик, аммо феъли мўмин бўлган бу одамнинг чиқиб кетаётганидан, Бургут билан ёлғиз қолаётганидан қўрқди. Жаҳонгир буни бир қарашда сезди.

«Бу қотма олифта сизлаб туриб жонни оладиган тоифаданга ўхшайди», деб ўйлади Жаҳонгир, зинапоядан туша туриб. У муюлишга ўтиб, деворга суянганича Бургутни кута бошлади. Газидуллиннинг деразасини ўзича чамалаб топиб, ўша ёққа тикилди. Назарида дераза очилиб ё Бургут, ё мезбон улоқтириб ташланадигандай эди. Бу «давлат» одамларида қандай «давлат иши» борлигини Жаҳонгир илғаган эди. Бургут Газидуллинни уч ой қидирган экан, демак, орада жиддий гап бор. Бу икки «давлат одами» ўғрими, босқинчими, қотилми — Жаҳонгир учун шугина қоронғи.

Бургут ҳаялламади. Қўлидаги портфелини қаппайтириб чиқиб келди. Жилмайиб келишидан маълумки — иш пишган.
— Давлат ишидай оғир юмуш йўқ дунёда. Тушунтириш ишларини олиб бормасангиз бўлмайди, — деди у Жаҳонгирга яқинлашиб.

Жаҳонгирнинг кўнгли нохушликни сезиб, деразага қараб олди — ҳаракат сезилмади.
— Уни... ўлдирдингизми? — деди Жаҳонгир Бургутга тик қараб. Бургут бундай саволни кутмаган эди, Жаҳонгирга таажжуб билан қаради.
— Эсингиз жойидами, ҳамшаҳар, мен жаллод эмасман, давлат ишидаги одамман.
— Биродар, давлат ишидан латта ҳиди келиб турибди.
— Э, ҳамшаҳарим, гўл одамга ўхшайсиз. Қани, кетдик, бу ерда турмайлик, — Бургут шундай деб Жаҳонгирни қўлтиқлади. — Бизнинг ишдан латта ҳиди келмайди, қўрқманг. Мен Бургутман, ўлакса ейдиган қузғун эмасман. Тозидуллиннинг қарзи бор эди. Шуни берди. Қариб, хотираси паришон бўлиб қолган экан, ўзим қистаб келдим.
— Мен-чи? Мени нимага судрадингиз, уни қўрқитиш учунми?
— Ҳамшаҳар, ҳар бир тирик жонга ҳамроҳ керак. Барибир бекор ўтирган эдингиз, баҳонада олам-жаҳонни кўрдингиз, қоринни тўқлаб олдингиз.

Жаҳонгирга бу гап малол келиб тўхтади. Халтани очиб тугунчани олди-да, Бургутга узатди:
— Манг, мен ҳаромга тоқат қилолмайман.
— Нимаси ҳаром? Чўчқа гўшти аралашмаган буларга.
— Бировни норози қилиб олинган нон менга ботмайди.

Бургут Жаҳонгирга синчковлик билан назар ташлади.
— Болшевик десам, башаранг ўхшамайди, — деди у сенсираб, — лекин гапингдан бошевикларнинг иси келиб турибди. Сен олифтагарчилик қилма, оғайни. Ўлиб ётган одамларни кўрмадингми? Ҳаммаси бир тишлам нонга зор бўлиб ўлган. Сен бола-чақангнинг олдига тирик етиб олишингни ўйла.

Жаҳонгирнинг тугунча узатган қўли муаллақ қолди.
— Халтангга солиб қўй, тура турсин, сенга ёқмаса ўзим ейман, — у шундай деб юрди. Жаҳонгир тугунчани халтасига ноилож жойлаб, унга эргашди. Бургут олдинда, Жаҳонгир ярим қадам орқада борарди. Четдан қараган киши мансабдор одам хизматкорини бошлаб кетяпти, деб ўйларди.
— Сен Тозидуллинга ачиняпсан, шекилли? — деди Бургут Жаҳонгирга қарамай, — у нонинигина эмас, жонини ҳам бериши керак эди. Жони сийловга қолди. У ҳозир сени ҳам, мени ҳам дуо қилиб ўтирибди. Сендан яширмайман, билиб қўй: мен ўғриман. Ўзимнинг ишимга ҳалолман. Бу марази ғирромлик қилиб қочган эди. Ўзбекнинг нонини туя қилмасин, деб излаб келдим. Бу пулни ўша ёқда топсам ҳам бўларди, лекин ғирромга тоқат қилолмадим.
— Ўғрилик гуноҳ, бировнинг молига кўз тикиш гуноҳ, — деди Жаҳонгир.
— Нима-а? — Бургут яна тўхтади. — Ҳей, эсинг жойидами ўзи? Бу замонда гуноҳ-савоб деган нарса қолибдими? Неча йил ўтирганингни билмайман-у, аммо ақлинг кирмабди. Сен қамоқда ўтирмагансан, болшевикларнинг мактабида ўқигансан.
— Болшевикларингизни билмайман, аммо исломда ўғрилик гуноҳ.
— Нима, сен мулламисан? Мулла бўлсанг пешонангга нима учун ёздириб олдинг?
— Мулла эмасман, мусулмон фарзандиман. Ёзув... шайтон йўлдан урди. Нима деб ёзилганини биласанми?
— Менга бунинг қизиғи йўқ.
— «Алқасосу минал ҳақ» дейилган. Бу «Қасос Ҳақдандир» дегани.
— Тушунарли. Демак, кимдадир қасдинг бор. Лекин, оғайни, сенинг ишинг чатоқ. Ҳозир ҳамма худосиз бўлиб кетган. Бу гапларингни биров сариқ чақага ҳам олмайди. Шунинг учун бошимни оғритма. Мен ўзимнинг қонунимга бўйсунаман. Болшевигинг билан ҳам, исломинг билан ҳам ишим йўқ. Ҳозир мачитларда мол боқадиган замон.
— Мачитга тил теккизма! — Жаҳонгир шундай деб унинг ёқасини чангаллади.
— Қўлингни торт, аҳмоқ, — деди Бургут уни силтаб ташлаб, — борарсан, ўзинг кўрарсан аҳволни. — Бургут шундай деб юрди.
— Шунга йўл қўйиб юрибсизларми?
— Менга нима? Мен ўзимга яраша мустақил давлатман. Бошқа давлат билан ишим йўқ. Менга Неколай пошшо бўлдими, Керенскийми, Ленинми, Сталинми — фарқи йўқ. Менга ов овлайдиган овлоқ бўлса, бас. Пошшолар ҳам, болшевик ҳам менга тоқат қилолмайди. Мен ҳам уларни бирдай ёмон кўраман. Сен пошшоликни яхши кўрасан. Пошшолик ҳам сендақаларни ёқтиради. Энди давр-давронларинг ўтди. Менинг давр-давроним эса ўтмайди. Сен эсинг бўлса, менинг давлатимга кир. Давлат ишлари сени хор қилиб қўймайди.
— Ўғриликдан ҳазар қиламан.
— Уйингга етиб олгунча ҳазар қилмай тур. Сен менга ёқиб қолдинг. Ўғил бола экансан. Фақат мен билан гап талашма. Сен гап биларкансан, мен иш биламан. Ора очиқми?

Албатта, ора очиқ эди. Осмонда қуёш билан ой тўқнаш келмагани каби бу тасодифий ҳамроҳларнинг феъли, дунёқарашида яқинлик бўлиши мумкин эмас эди. Жаҳонгир ўзига тўқ оилада туғилиб ўсди. У уйида тўпланган бойликни бировнинг ҳақи деб билмас эди. Отаси ҳам, бобоси ҳам буларни Оллоҳнинг неъмати деб билиб, шукрона сифатида камбағалларни сийлаб келишган. Бойлик ҳам, камбағаллик ҳам Тангрининг бир синови, бой манманликдан, камбағал ўзгалар ҳақига хиёнат қилишдан асралиши зарур — уларнинг ақидалари шу эди. Улар бировнинг еб турган нонини тортиб олишмаган, аксинча, еб турган нонларидан синдириб беришган. Шундай оилада назари тўқ бўлиб ўсган одам ўғрига ён босармиди?

Бургут эса Тангрининг синовларига беписанд қаровчи даврада униб-ўсди. Етимлик сувини барвақт ичиб қўйган бу одамнинг ақидаси битта эди — ўзинг юлиб олмасанг, сенга биров бермайди. Ишлаб, меҳнат билан топиб ейиш ҳақидаги тушунча унга бегона аниқроқ айтилса, айнан шу ўғриликни у меҳнат деб билади. Бировнинг ҳақи деган тушунчани у ўзича талқин қилади. Яъни: бу дунё умумники, неъматлар ҳам умумники. Демак, ҳамма эплаганича юлиб олади бу неъматни.

Шундай экан оранинг очиқлиги табиий.

Улар кутган поезд оқшомда келди. Бургут Жаҳонгирнинг халтасидаги тугунчани очиб тамадди қилиб олди. Жаҳонгир ўзининг қаттиқ нонига қаноат қилди. Бургут уни зўрламади.

Кечаси Жаҳонгирнинг баданида оғриқ турди. Жаҳонгир аввалига буни очликка йўйди. Тонгга яқин титрай бошлади. Дастлаб вагон уни тебратган бўлса, энди унинг титроғидан вагон чайқалаётгандай эди. Жаҳонгир иситма аралаш алаҳсирадими ё бақириб юбордими — билмайди. Пешонасига теккан муздек кафтни сезиб кўзини очди.
— Аҳвол чатоқ-ку? — деди унга энгашиб қараб турган Бургут.

Тонг отди, кун ёйилди. Вагон ичи димиқди. Жаҳонгир нафас оололмай қолди. Яқин ўтирганлар унинг титроғини кўриб, ўзларини четга олишди.
— Безгакка ўхшайди, — деди биров.
— Йўқ, терлама бу, — деди бошқаси.
— Ҳаммамизга юқтирмаса эди. Балки вабодир?
— Вабода титрамайди, вабомас. Лекин касалининг ёмонлиги аниқ. Дуч келган ерларда ётиб юрадиган дайдига ўхшайди.

Шу сингари гаплар вагон бўйлаб тарқалиб, вагон-оғаси Бургутга яқинлашди:
— Биродар, кейинги бекатда тушиб қолганинглар маъқулмикин, узоққа боролмайсизлар. Дори-дармон қилмасангиз бўлмас.

Бургутнинг вагондаги гаплардан хабари бор, одамларнинг меҳрсизлигидан ғазабланиб ўтирган эди. Вагоноғаси дори-дармонни гапирмаганида уни уриб юборишга ҳам тайёр эди. «Йўл узоқ, бу аҳволда ўлиб қолади», деб ўйлаб, унинг маслаҳатига кўнди.

Поезд тўхтагач, вагоноғаси ёрдамида бир амаллаб Жаҳонгирни кўтариб тушиб, бекатдаги якка дарахт остига ётқизди. Жаҳонгир озғин бўлгани билан суяги йўғон эди — икковлон қора терга ботишди.

Бургут арава топиб келгунча Жаҳонгир мажолсиз нигоҳини титраётган баргларга қадаб ётди.

«Умрим баргга ўхшаб илиниб қолдими? — деб ўзига-ўзи савол берди. — Акам билан отишишга чиққанимда баргнинг узилиши қийин бўлган эди. Жоннинг узилиши қийинми? Ҳа... Зокирхўжа азобланиб жон берганди. Зокирхўжанинг қисмати менинг пешонамда ҳам бор экан-да. Йўлда хор бўлиб ўлиш учун музликлар ичида тирик қолган эканман-да. Қасос ҳақдандир... демак, қасос менинг қўлим билан бўлмайдими? Армон билан кетаманми? Бир ўғрининг қўлида жон бериб, гўрга жанозасиз, кафансиз кираманми?..

Жаҳонгирнинг кўзидан ёш думалади. У ўлаётгани учун ғамда эмасди, армон билан ўлаётганидан афсусда эди.

Жаҳонгир кўзини юмиб-очди. Воажаб, ҳозиргина дарахт барглари ям-яшил эди. Энди сап-сариқ тусга кирибди. Ана, бирин-сирин узилмоққа бошлади барглар. Ёмғирдай ёғиляпти барглар. Бирпасда шохлар яланғоч бўлиб қолди. Дарахтлар дарахт эмас, осмонга санчиб қўйилган найзаларга ўхшайди. Бағрига сонсиз-саноқсиз найза санчилган осмон азобга қандай чидайди? «Дарахт нимага қуриди? Қиёмат яқинми? Мачитларда мол боқилаётган бўлса, қиёмат бошлангандир. Одамлар дупурлаб чопишяптими? Маҳшарга шошилишяптими? Мен нима қилиб ётибман? Қиёмат бошланибди, ер силкиняпти. Ҳа, қиёмат бу. Ҳаммаёқ қон... қон...»

Иситма оташидаги Жаҳонгирнинг кўзлари очиқ, лекин ҳеч нимани кўрмас эди. У аравага олиб ётқизишганини сезмади. Араванинг силкинишини зилзила деб, қўш от дупурини одам дупури, деб хаёл қилиб фикран маҳшар сари шошиларди.

Мусофир шаҳардаги шифохонага олиб келинганини, саккиз кун деганда ҳушига келганини, кейинроқ ҳамхоналаридан билди.
— Акангиз меҳрибон эканлар, саккиз кун парвона бўлдилар, — деди ҳамхонаси, у ўзига келгач.

Жаҳонгир «акам ким экан?» деб ажабланди. Бозорга кетган Бургут қайтгач, «акаси» ким эканини билди.

«Мен Тангрим ўғрининг қўли билан ерга қўяди, деб ўйласам, ўғрининг қўли билан жонимни қайтариб берибди-ку? Унинг қўлидан нон олмаган эдим, жон олдим... Оллоҳ жонимни берибдими, демак, қасос ҳам менинг қўлим билан бўлади...»

Жаҳонгир «Мени деб шунча юрдингизми», демади. Бургут эса «Сени ташлаб кетишга кўзим қиймади», демади. Бургут то юртга етиб боргунча ҳам Жаҳонгирнинг касалидан гап очмади.

Сўнгги бекатга етиб келишгач, Бургут қўл узатди:
— Ўша гап-гап: ора очиқ, омон бўл, ҳамшаҳар, — деди кулимсираб.
— Сизни қаерлардан йўқласам бўлади?
— Қарзингни бермоқчимисан? Қўятур, кўмилган тиллаларинг жойида тура турсин. Муҳтож бўлсам сени ўзим топаман. Сен мени бутунлай унут, ора очиқми?

Шундай дедию бекатда тўзиб юрган одамлар орасида бир онда ғойиб бўлди. Жаҳонгир шундан сўнг уни кўрмади. Бургут «Муҳтож бўлсам сени ўзим топаман», деган эди, топмади. Жаҳонгир бунинг шунчаки кўнгил учун айтилган гап эканини биларди. Бургут муҳтожликка учраганда ҳам келмас эди. Чунки у ғирром билан бир қаторда миннатга ҳам тоқат қилолмас эди. Жаҳонгир кейинчалик ўғриларни кўп кўрди, аммо Бургутга ўхшаганини учратмади.

Бургут унут, дегани билан Жаҳонгир уни унута олмади. Уни кўп эслади. Бугун шифохонада кўз очгани сабаб бўлдими ё Шоқолнинг гапларими, ҳарҳолда Бургутни яна ёдлади.

Жаҳонгир ўшанда Бургут билан хайрлашгач, шаҳарнинг қаерида тунашини билмай гарангсиди. Бу шаҳарда қучоқ очиб кутиб оладиган яқини йўқ. Меҳмонхоналарнинг унга жой бермаслиги тайин. Ўйлаб-ўйлаб бир пайтлар таҳсил олган мадрасасига боришни хаёл қилди.

Кўчалар унинг назарида рангпар кўринди, уларда илгариги жон йўқ эди. Қаҳатчилик деган ёвуз қуш қора қанотларини бу юрт, бу шаҳар устига ҳам ёзган эди. Силласи қуриган одамни битта-битта чўқилаб кўча-кўйди ҳам думалатаверарди. Шаҳарда ўлим кўп, аммо йиғи оз эди. Йиғлаш учун ҳам қорин тўқ бўлиши керак. Очарчилик кўздаги ёшни қуритиб, дийдаларни қотирган эди.

Жаҳонгир мадрасага боргач, таажжубда қотди: мадраса дарвозасига қўш қулф урилган, деворлар аста нурай бошлаган. Афтидан, бу ерда анчадан буён одам яшамас эди.

Жаҳонгир яқин кишисини хароб тарзда учратган одам ҳолига тушиб, кўзига ёш келди. Энг яқин кишингни абгор алфозда кўрсанг уни бағрингга босасан, юзларини силайсан. Худодан мурувват сўрайсан, сўнг унинг дардига даво чораларини излайсан. Неча юз йил савлат тўкиб турган, неча минг илм толибига бошпана бериб, неча юмуқ кўзларнинг очилишига гувоҳ бўлган, неча дилнинг сирини бағрига сингдирган бу иморатни қучоқлаб бўлмаса, ярасига малҳам топиб бўлмаса... Жаҳонгир ғамини ичига ютиб, иморатга яқинлашди. Кафтини ғишт деворга қўйди — гўё бу афтодаҳол иморат юзини силади. Ғишт девордан илиқлик чиқиб унинг кафтига ўтди, кейин бутун танасига таралди. Музликларда тўғнаб қолган илиғига ҳарорат ўтгандай бўлди. У беихтиёр юзини ҳам деворга қўйди. Димоғига таниш ҳид урилиб, юраги энтикди. Қулоғига таниш овозлар эшитилди:
— Дил надир, кўкракнинг чап томонида жойлашган бир парча гўштми?
— Бу — дилнинг бирламчи маъноси. Яъниким, бу гўшт ғовакларида руҳнинг асл манбаи бўлмиш қора қон мавжуддир. Бу юрак ҳайвонотда, ҳатто ўликда бордир ва у ҳеч қанча қийматга эга эмасдир.
— Мулла Жаҳонгир, дилнинг иккиламчи маъносини сиз айтинг.
— Ҳазрат Ғаззолий шундай зикр этибдилар: «Дил — Парвардигорнинг ўз бандаларига ато этган руҳоний неъмати бўлиб, унинг жисмоний дилга алоқаси бордир. Бу неъмат инсоннинг асл моҳиятидирки, инсон бутун илму маърифатга унинг воситасида эришади ва барча хитоб, азоб, итоб1 ва талаблар унга қаратилган бўлади: Руҳоний неъмат билан жисмоний юрак ўртасидаги мустаҳкам алоқанинг ҳақиқий суратини кўпчилик англаб етмайди...»2
— Балли, мулла Жаҳонгир, энди қиссадан ҳиссани айтинг.
— Тақсирим, қиссадан ҳисса шулки, Парвардигорнинг бандаларига берган руҳоний неъмати иблисга хос иллатлардан, чунончи, ҳасаддан, ёвузликдан, хиёнатдан, нафс бузуқлигидан асралмоғи лозим. Асралмас экан, жисмоний дил пароканда бўлғусидир.
— Балли... мулла Зайниддин, сиз айтинг, жон надир?..»

Ҳозиргина жаранглаб чиққан овозлар нимадандир чўчигандай пасайиб, ғишт ковакларига сингиб кетди. Жаҳонгир қаддини тутиб, осмонга қаради: «Бу даргоҳнинг нима гуноҳи бор эканки, дарвозаларига қулф урилса. Бунда илм толиблари қирилиб битганми ё мудариссларми? Ё Бургутнинг гаплари ростми?»

Осмон жим, иморат ҳам... Саволга жавоб йўқ.

Жаҳонгир деворга суяниб ўтириб бошини кафтлари орасига олди. Қирқбелга қайтиб, киндик қони томган уй ўрнида вайрона кўрса бунчалик эзилмасди. Енг шимариб уни обод қилишга киришарди. Лекин юмуқ кўзларни очувчи бу муқаддас иморат дарвозасини қандай очиш, чироқни қандай ёқишни билмас эди.

Руҳи ғуборларга кўмилаётган бир дамда елкасидан кимдир аста ушлади. У бошини кўтариб қаради — ёноқлари туртиб турган, кўзлари киртайган қария.
— Иним, тобингиз қочдими?

Жаҳонгир ўрнидан туриб, унга салом берди. Қадди дол бу қария кўзига иссиқ кўринди.
— Айбга буюрманг, иним, ҳаловатингизни буздим.

«Қимирламай ўтирганимга мени ўлиб қолган дегандир», — деб ўйлади Жаҳонгир. Кейин қарияга тикилиб қаради.
— Ҳа, иним, тикилиб қолдингиз?
— Отахон, сизни бир кишига ўхшатяпман. Шу мадрасада мударрисимиз бўлардилар, мулла Низомиддин деган?
— Мулла Низомиддин? — қария кулди. Оғзини юмганда тепадаги биттагина тиши пастки лабининг устига чиқиб қолди.
— Нимага куласиз? — деди Жаҳонгир ажабланиб.
— Мулла Низомиддин йўқ ҳозир, Низом қоровул бор. Ўша мударрисингиз менман. Илгари шу иморат ичкарисида дарс берардим, энди ташида қоровулман. Сиз бунда таҳсил олган бўлсангиз... танимайроқ турибман?
— Исмим Жаҳонгир, қирқбеллик Муҳаммадризонинг фарзандлариман. Алғов-далғов бошланиб, хатми кутуб қилолмай қишлоғимга қайтган эдим.
— Ҳа... мулла Жаҳонгирми? Буни қаранг-а, танимай қолибман, қайси шамол учирди?
— Совуқ юртларнинг шамоли, қамоқдан қайтяпман.
— Ё, алҳазар, бу нима деганингиз?! Сизни нимага қамадилар экан?
— Тақсирим, бунинг тарихи узун. Айтиб, сизга юк қилмай. Туҳматнинг тўрига тушиб қолган эканман.
— Оллоҳнинг ўзи асрасин туҳматлардан. Айбга буюрманг, бўтам, бу пешонангиздаги ёзув нимаси?
— Қамоқда иблиснинг йўлига юриб ёздирибман. Ватаннинг хумори тутганда эси оғиб қолар экан кишининг. Ўшандай лаҳзадан хотира энди бу. Тикилманг, ўқий олмайсиз, арабча ҳарфни билмайдиган ўрис ёзган, чаплашиб кетган.
— Шайтон васвасасидан ўзи асрасин. Қани, юринг, кулбамизга борайлик. Менга бир кулба қуриб беришган, ўзимнинг кўзимга саройдек кўринади. Жонни ўша ерда сақлаймиз. Юринг, бўтам, юринг.

Жаҳонгир эътибор бермаган экан: қулф дарвозанинг рўбарўсида одам бўйидан сал тикроқ кулба турарди. Кулбанинг томига қора қоғоз қоқилган, берк дарвозага қаратиб дарча қўйилган, ён томонда эса энсиз эшикча бор эди. Энгашиб ичкарига киришди. Дарча томонда тахта сўри қилинган, сўри устига кўрпача тўшалган. Афтидан мударрис — Низом қоровул ёнбошлаб ётиб, шу дарча орқали иморатни қўриқлар эди. Дарчанинг қаторида рандаланмаган тахтадан токча қилинган. Унда беш-олти қалин китоб. Бу мударрис — қоровулнинг бирдан-бир овунчоғи шу — ўтмиш хотираси бўлса керак.
— Бу мадраса менга умрим бўйи берилган деб ўйлаб, уй-жой қилмаган эканман. Мадрасани беркитишгач, кўчада қолдим. Бу ерни омбор қилдилар. Қаёққа боришни билмаганимда қоровулликни бердилар.
— Нимага беркитдилар мадрасани?
— Э, бўтам, дунёнинг ишларидан бехабармисиз?
— Оз-моз хабарим бор. Қамоққа тушганлар айтиб беришарди, аммо кўпам ишонмасдим.
— Ишонинг, бўтам, ишонинг. Бир инқилобни бошлашди, номи маданий экан. Мен бу инқилобни кўриб, ёқа ушладим: ҳай-ҳай, маданийси шу бўлса, ваҳшийси қандай бўлар экан — фарқига ақлим қосир. Дастлаб масжидларни бузмоққа киришдилар. Ё, Оллоҳ, иморатда нима гуноҳ бор экан? Кейин Яратган уларнинг окўнглига пича инсоф юбордими, бузмай, ҳар турли идораларга бердилар. Омбор этганлари бир нави, яҳудий ямоқчиларга устахона қилиб бердилар, шунисига доғман. Э, айтсам тилим, айтмасам дилим куяди. Қани, марҳамат қилинг, бўтам, ўтиринг.

Жаҳонгир кулбанинг ўнг томонига тўшалган юпқа кўрпачага ўтирди. «Наҳот, фозиллар хорлиқда, ожоҳиллар фароғатда бўлсалар. Наҳот, жамиятга бундай фозил одамнинг кераги бўлмай қолган? Илм нима бўлган, диёнат нима бўлган, инсоф, виждон нима бўлган?»
— Талабаларимиздан бир қанчалари мени бу ердан олиб кетмоқчи эдилар. Йўқ, дедим. Кетсам, мадрасамиз етимликдан фарёд уриб қолаётганга ўхшайди. Бир қанча идоралардан хизматга ҳам чорладилар. Рад этдим. Мадрасасиз дунё кўзимга қоронғи. Мадраса шу ҳолида ҳам қуёш мен учун. Мен қорин ғамида, шуҳрат илинжида қуёшга хиёнат этсам, дўзах азобига шу дунёдаёқ гирифтор бўла қолмайманми?

Мударрис Низом қоровул гапдан тўхтади. Дарчадан ёпирилиб кираётган ёруғлик унинг кўзидаги намда аксланди.

Мударриснинг дардини тасвирлашга сўз ожиз. Ёлғиз фарзандини қабрга қўйганларда шундай кулфат бўлади, Ватанни беҳад суйгани учун бу тупроқдан хорлаб қувилган одамда шундай алам бўлади. Ота-онасидан бевақт айрилган, туҳмат билан зиндонга банди этилган одамлар дарди бу қадар улуғ бўлмайди.

Мударрисининг қаддини нима букди: дардми ё қариликми? Нима учун эти устихонга ёпишди: дардданми ё очликданми?

Жаҳонгир мударрисга қараб Зокирхўжани эслади. Зокирхўжа ҳам гапира туриб бирдан жимиб қоларди. Ғамли хотиралар панжаси бўғзига чанг солиб гапиртирмай қўярди. Ўлим олдида тақдирга тан бериб, бир гап айтган эди, ҳозир Жаҳонгир кўзлари киртайган мударрис — Низом қоровулга қараб, шуни эслади: «Осмонлар — камон, ер — камон ипи, ҳодисалар, офату кулфатлар — ўқ бўлса, инсонлар ул ўқ-ёйларга нишон бўлса, отғучи Худойи таоло бўлса, одамлар қаерга ҳам қочарлар? Тангрининг олдиға қочишдан ўзга чора йўқ...»

«Тангри бу юртга шунча кулфат юборди, одамлар нима қилсинлар, — деб ўйлади Жаҳонгир. — Қайга қочсинлар? Акам қочди. Тўғри қилдими? Аммо бу одам нимага қочмади? Акам тиллаларининг кучи билан юргандир, бу одам илми билан давр сурарди-ку, шунга ақли етмадими? Йў-ўқ... донолар Ватанни хорликда ташлаб қочмайдилар...»
— Ҳа, бўтам, яна менга тикилиб қолдингиз?

Жаҳонгир дарров жавоб бера олмади. Тикилиши боисини яшириб, ўзгача жавоб қилди:
— Очлик силлангизни қуритибди...
— Шунга шукр қилиб ётибман. Биродарларим очликда қақшаб, мен ёғли паловга тўйсам, у дунё-бу дунё ўзимдан рози бўлолмас эдим. Менга берилаётган нон жон сақлашимга етади. Бироқ кўчада сулайиб ётганларни кўрсам, — мударрис истиҳолага бориб «ўлиб ётганларни» демади, — шу бир тишлам нон ҳам томоғимдан ўтмайди. Эгамнинг қаҳри ҳам марҳаматига яраша. Шу қаҳрга лойиқ эканмиз, шукр қилишдан ўзга чорамиз йўқ.
— Тақсирим, ўйлаб ўйимнинг тагига етолмаяпман. Бу не ҳол ўзи? Иблис ҳар биримизнинг юрагимиздан жой олволдими, кўзларимизни кўр қилдими?

Мударрис — Низом қоровул дарров жавоб бермади. Ёруғлик ёпирилиб тушаётган дарчага қаради. Кейин худди ўзига-ўзи дарс бераётгандай оҳиста сўз бошлади. Жаҳонгир донг қотди. Илм толиби эканида эшитган ўша овоз, ўша оҳанг...
— Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам, айтибдилар: «Менинг умматимга ҳам илгари ўтганларнинг касали етиб келади». «Илгари ўтганларнинг касали не эди?» деб сўрадилар. Расулуллоҳ жавоб қилдилар: «Кибр-ҳаво, манманлик, мол-дунё орттиришдаги рақобат, бир-биридан четланиш ва зулмга, сўнгра эса бош-бошдоқликка олиб борадиган ҳасадгўйлик». Пайғамбар оалайҳиссалом яна шундай деганлар: «Умматим устида энг кўп қўрқадиган нарсам, уларнинг мол-дунёлари кўпайиши натижасида бир-бирларига ҳасад қилиб, ўзаро низолар чиқишидир... Олов ўтинни егани каби ҳасад яхши амалларни ейди». Қилинган биринчи гуноҳ — ҳасад бўлган эди. Иблис Одам алайҳиссаломнинг мартабаларига ҳасад қилиб, у зотга сажда қилишдан бош тортди — ҳасад уни гуноҳга етаклади. Тангри берган неъматлар орасида нафс деган бир лафз борки, бунда инсондаги барча мазмум сифатларни ўзида жамлаган зўравон кучни назарда тутадилар ва шу боис дейдилар: «доимо нафсга қарши курашиш ва мудом уни синдириш лозим, зеро пайғамбар алайҳиссалом: «Энг қаттол душманинг ўз ичингдаги нафсингдур», деганлар.

Мударрис Низом қоровул «жавобим шу» дегандай Жаҳонгирга қаради. Жаҳонгир Абу Ҳомид Ғаззолийнинг асарини эслади.

Шу зайлда бошланган суҳбатнинг чек-чегараси йўқдек эди. Токчадаги китоблар қўлга олинди, варақланди, ўзига ҳикматларни яширган сатрлар тилга кирди. Шу кун, шу тун Жаҳонгир бошига тушган савдоларни оз бўлса-да, унутди. Олма қоқидан дамланган чойдан ичиб тунни тонгга уладилар. Саҳарда Жаҳонгир йўлга отланди.
— Сизни Оллоҳнинг ўзи паноҳида асрасин, — деди мударрис — Низом қоровул, — эҳтиёт бўлинг, бўтам. Сизга яхшилик қилганларга яхшилик қилинг, ёмонлик қилганларга ёмонлик қилманг.

Ярим йўлни аравада, ярим йўлни пиёда босиб, Қирқбелга етиб келди. Қишлоқ ўша-ўша — ўзгармаган. Уйлар ҳам, дарахтлар ҳам бирдек. Орадан шунча йил ўтиб кетмагандек.

Йўлда учраган ёш-яланг салом бериб, уни танимай қолаверишди. Таниганларнинг айримлари қўшқўллаб, баъзилари қўл учида омонлашиб «омон-эсон келдингизми», деб ҳол сўрашди. Жаҳонгир уларга қисқа жавоб қилиб уйига шошиларди...

...Ҳовлисига қадам қўйиши билан тиз чўкади, сўнг пешонасини ота-онасининг оёғи теккан ерга қўйиб тавоф қилади, тупроқни кўзига суртади. Сўнг ичкаридан «Дадажон!» деган қўнғироқдек овоз келади. Кейин... айвонда Хадича пайдо бўлади.
— Хайрият, кетиб қолмаган экансизлар, акамга қўшилиб кетганмикинсизлар, деб жоним ҳалакда эди.
— Сизни ташлаб қаёққа кетамиз, йўлингизга кўз тикиб кутдик. Худонинг марҳаматига ишондик, шу кунга етказганига шукр. Ана, ўғлингиз ҳам катта бўлиб қолди...

Кўчасига бурилдию ҳайрон қолди: девор бошқа, дарвоза бошқа. Эшик олдида иккита от қўшилган арава. Жаҳонгир қадамини тезлатиб юриб келди-да, дарвоза рўбарўсида тўхтади. Мияси лўқиллай бошлади. Кимдир бошига бир меъёрда болға ураётгандек бўлди. У ўпқон сари юргандек ичкарига аста қадам босиб кирди. Кўзи айвон устунидаги қизил байроққа тушди.

У тиз чўкмоқчи эди, тавоф этмоқчи эди, ким топтади экан бу ҳовлини? Жаҳонгир девордаги лавҳани кўриб, ўқиди: «Қизил омоч» колхози». «Бу ерга ҳам етиб келибди-да, бу колхоз, — деб ўйлади у. — Худо ургани рост экан». Қамоқдаги кунлари охирига етай деганда бир қанча янги маҳбуслар — «янги ҳаёт душманлари» келган, «колхоз», «қулоқ» деган сўзларни ўшалардан эшитган эди.

Жаҳонгир нима қилишини билмай турганида ичкаридан оёғига хром этик, бошига қора шапка кийган шоп мўйловли киши чиқиб, унга ўқрайиб қаради-да:
— Маҳкам, бегона одам нима қилиб юрибди бу ерда? — деб бақирди. Шу заҳоти ҳовлида паст бўйли йигит пайдо бўлди.
— Ҳа, оғайни, нима бор бу ерда сизга? — деди у Жаҳонгирнинг йўлини тўсиб.

Жаҳонгир шопмўйловни таниди. Уни ҳукм қилишганда чираниб айблаган одам шу эди.
— Сен, нари тур, — деди Жаҳонгир паст бўйли йигитга, — мен манави лаканг билан гаплашаман. Сотволди ака, тушунмайроқ турибман, сизга нима бор бу уйда?

Шопмўйлов унга қараб туриб:
— Ҳа, сенмисан, — деди тўнғиллаб, — ўлмабсанда. Аммо бу ерга келиб, чакки қилибсан. Уйинг мусодара бўлган.
— Ким мусодара қилди?
— Ким дейсанми? Шўро ҳукумати! Энди бу ер колхоз идораси. Сен колхоз учун ёт — бегонасан, бу ерга қадам боса кўрма.
— Ўз уйимга... ўзим бегонаманми?
— «Ўз уйим» деган гап йўқ. Ҳамма нарса умумники.
— Ҳамма нарса?.. — Жаҳонгир қамоқда эшитган гапни эслаб, беихтиёр айтиб юборди, — хотинингиз ҳамми?

Пакана йигит яна Жаҳонгирнинг қаршисида пайдо бўлиб, дағдаға қилди:
— Тилинг қирқилсин, аҳмоқ! Раис акам шўронинг одамлари!
— Маҳкам, қоч, у билан ўзим гаплашаман. Сен, бойнинг боласи, жўна бу ердан, қорангни кўрмай.

Жаҳонгир унинг пўписасини эшитмагандай олма дарахтига қадалиб турган супага ўтирди. Шопмўйлов уни еб қўйгудай бўлиб ўқрайди-да, ичкари кириб кетди. Пакана йигит ҳайдаса балога қолиши мумкинлигини англаб, яқинлашишга журъати етмай, айвон устунига суяниб туриб олди. Хорлик азоби тан азобидан кучлироқ. «Бу уйга бегонасан!» деб ҳайдаш ўрнига юз дарра, минг дарра урганида ҳам бунчалик алам қилмас эди. Музликларда юрганида Жаҳонгир уйини соғиниб эзиларди. Қизиган кўкрагини муз парчаси ҳам совута олмасди. Ўша кулфатли кунларда йиғламаган, ўзини босишга қурби етган Жаҳонгир бирдан бўшашди, кўзига ёш келди. Бу ёш ожизлик ёки ночорлик эмас, ғазаб қўлидан тошиб чиққан эди. У ўрнидан туриб аввал паканани, сўнг шопмўйловни янчиб ташлагиси келди. Ўрнидан туришга шайланди ҳам, аммо ўзи билмаган бир куч тўхтатди. Бу куч — фаросат эди, «буларни мажақлаганинг билан фойдаси борми, булар бир қарол, ҳожалари бошқа бўлса, тегма уларга. Уларнинг қасоси Ҳақдандир. Ҳозир улар сенинг бахтсизлигингдан куляптилар. Билмайдиларки, уларнинг бахти омонат, эртага бахт сенга берилиб, сенинг бахтсизлигинг уларга насиб этади. Тур, шу кунга омон етай десанг, индамай чиқ бу ердан».

Онгида уйғонган буйруққа итоат этди: бир-бир босиб чиқди. Қадрдон ер, қадрдон тупроқ уни қўйиб юборгиси келмаётгандай оёқлари зил оғир, ердан узилиши қийин эди.

Жаҳонгирни оёқлари қабристонга етаклаб борди. Аждарқоя пойида дўмпайган қабрларни тизза бўйи ўт қоплаган. Жаҳонгир қабристон этагида тўхтаб, кўзларини жавдиратиб ота-онасининг қабрини излади. Ўт босган қабрларни бир-биридан ажратиш қийин эди. У гўрларни босиб ўтмай, келган ерида чўккалаб узоқ тиловат қилди. Сўнг узлатгузинликни ихтиёр қилди. У рихлатга чекинганлар дунёсининг бу ёруғ дунёдаги посбонидай қимир этмасдан ўтирарди.

« — Онажон, мен сизнинг ёлғизингизман, мени жуда барвақт ташлаб кетдингиз?
— Бошингга тушадиган кулфатларни кўрмасин, деб момонг чақириб олди.
— Мени ким чақиради, ота, сизми?
— Сени чақирмайман, зиммангда юмушинг бор.
— Йўл узоққа ўхшайди, юким оғир, бардош беролмайман.
— Бардошли бўл, арвоҳимни чирқиратма, Жаҳоним...»
— Жаҳон!

Жаҳонгир сесканди: овоз қаердан келди, қабр ичиданми?
— Жаҳонгир!

У бошини кўтариб орқасига қаради — Даминни таниди. Савод чиқаришга кўнгил қўйиб ундан ёзувчизувни ўрганган қарол йигитча эди, йиллар ўтиб қорувли йигитга айланибди.
— Шу ердадирсан, деб ўйловдим.

Улар қучоқлашиб кўришдилар.
— Юр, уйга борайлик, — деди Дамин.
— Ошиқмай тур, бир оз шу ерда ўтирайлик.
— Уйингга кирибсан, билдим. Сотти билан пачакилашмаганинг дуруст эди.
— Нимасидан қўрқасан?
— Кўнглига ёқмаганларни қулоқ қилиб юрибди. Битта эчкиси бор одамни ҳам бой деб хатга тиркаяпти. Ҳарҳолда раис деган номи бор.
— Сайлашга сайлаб қўйиб бошларингни тошга уряпсанларми?
— Гапингни қара, сайламасак бир бало, сайласак яна бир бало. Чори ота «Ҳой бола, биродарларингни хўрлама» девди, «Боғдор бой» деб уни қулоқ қилдирворди. Ота бояқиш шаҳарга етмай узилибди. Ўлигини олиб келиб шу ерга кўмишди, аммо оиласини барибир жўнатворди.

Жаҳонгир Чори отани яхши танир эди. Бу беназир боғбоннинг боғида жаннатда ҳам топилмайдиган мевали дарахтлар бор эди.
— Боғни колхоз олиб қўйгандир?
— Қўярмиди? Боғ қуриб қолса керак, қаровнинг мазаси йўқ.
— Шундай одамни хорлагани учун кўр бўлади.
— Жаҳон, у опаларингни ҳам жўнатган, ҳеч ким қолмаган.
— Юрагим сезган эди. Чўлдаги якка дарахтга ўхшаб қолдимми?..
— Ғам чекаверма. Битта сен ёлғизмассан. Уйланарсан, бола-чақа орттирарсанам, унгача бизникида туравер.
— Меникилар... кетгани ростми?

Жаҳонгир бу саволни беришга юраги бетламай турган эди. У Хадичанинг кетганини билса ҳам, «балки кетмай қолгандир, балки йўлдан қайтгандир» деган илинж — узоқ юлдузнинг ожиз нуридай умид уни ёритиб турар эди. Саволга «ҳа» деган жавоб олса, бу сўнгги юлдуз нури ҳам сўнарди. Кутганидек бўлди: «ҳа», деган қисқа жавоб олди. Мана шу жавоб осмонга ўт қўйди, Жаҳонгирни осмон ўти бағрига олди; сўнг ерни қоқ иккига ажратди, Жаҳонгирни тубсиз жарга улоқтирди.
— Иложинг қанча, кўникасан энди, уйланасан, бола-чақа топасан...

Дамин тўпорилик билан айтган бу юпанч сўзларининг ўққа айланиб дўсти юрагига санчилишини ўйламаган эди. Сўнгги умидини кўмган одамга уйланиш ҳақида сўз айтиш жоизми?

Жаҳонгир Даминникида тунаб қолди. Эрталаб Дамин гузарга чиқди-ю, ҳовлиқиб қайтди:
— Жаҳон, уйидан ҳайдаяпти, дема, аммо кетмасанг бўлмайди шекилли. Сотти раёнга хат тушурибди. Сен ҳақингда эмиш. Сени ҳам қулоқ қилиб юборадиганга ўхшайди.

Жаҳонгир бу гапни эшитиб ажабланмади ҳам, ҳаяжонланмади ҳам. Хотиржамлик билан юзига фотиҳа тортиб, ўрнидан турди.
— Фақат кўнглингга эгри гап олма, — деди Дамин хижолатлик билан.
— Хат жўнатмаса ҳам кетар эдим, бу ерда қолиб нима қилдим. Саҳродаги ёлғиз дарахтман мен.

У шундай деб Дамин билан хайрлашди. Йўлни тўғри жайдидарага олди. Оқшомгача атрофда айланиб юрди. Кун ботишда катта чинорга яқинлашди. Ерни пичоқ билан таталаб кавлаб хумни очди. Тилла тангалардан олиб белига тугди-да, хумни яна кўмиб қўйиб, шаҳар томон равона бўлди.

Avvalgi
I- qism