OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

5 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифТоҳир Малик
Асар номиСўнгги ўқ (II- қисм)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Тоҳир Малик
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Қиссалар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм361KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2011/07/22
Манбаhttp://forum.ziyouz.com/ind...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Сўнгги ўқ (II- қисм)
Тоҳир Малик

Ерда нима гуноҳ?

Маёр Солиҳов Жаҳонгир билан Йўлчивойни юзлаштиргач, Юсуфхонага, Сиддиқ Шариповнинг қишлоғига бориши керак эди.

Ҳушидан кетган Жаҳонгирни олиб чиқишгач, Солиҳов жойига ўтирди. Кутилмаган бу воқеадан саросимага тушган Йўлчивой умидвор одамнинг кўзи билан маёрга қаради.
— Дадамни... шу киши... — деди бироз дудуқланиб. «Ўлдирганми?» дейишга тили бормади.
— Йўқ, бу одам эмас.
— Унда нимага рўпара қилдингиз?
— Демак, шундай қилиш лозим эди, — Солиҳов қўпол оҳангда гаплашаётганини ўзим ҳам сезиб, графиндаги сувдан қуйиб ичди. — Сиз... Қирқбел деган қишлоқни эшитганмисиз?
— Йўқ... — Йўлчивой шундай деб кўзини олиб қочди.
— Қирқбел отангиз ўлдирилган Дайдидарага яқин. Демак, отангизнинг танишлари Қирқбелда бўлиши мумкин, — деди Солиҳов ундаги ўзгаришни сезмаганга олиб. — Бу ерга келганларингдан сўнг ҳеч Юсуфхонага бордингларми?
— Дадам раҳматли бордилар.
— Бориб келиб нима девдилар? Балки эски танишларини учратганларини айтгандирлар?
— Эсимда йўқ.
— Бобонгиз ҳақида ҳеч гапирганмилар? Ким бўлган бобонгиз?
— Бобом... деҳқон бўлганлар.
— Бой деҳқонми, ўртаҳолми ё камбағалми?
— Буни сўрамаганман. Нимага мени сўроқ қиляпсиз? Ахир жабрни биз кўрган бўлсак, қотилни топиш ўрнига...
— Қотилни топиш учун ҳам сўраяпман. Сиз кўп нарсани билмайдиганга ўхшайсиз ё билсангиз ҳам айтгингиз келмаяпти. Мен онангиз билан гаплашишим керак.
— Мумкин эмас, сиз номаҳрамсиз.
— Бу гапларни қўйинг, йигит, бошқаларга мумкинмасдир, менга мумкин.
— Сизни уйга киритмайман.
— Уйингизга бориш ниятим йўқ. Ҳозир бориб, онангизни шу ерга олиб келасиз. Йўқ десангиз, милитсионер юбориб олдириб келаман. Менга шундай ҳуқуқ берилган.

Йўлчивой иложсиз бир аҳволда ўрнидан турди. У чиқиб кетгач, маёр телефон трубкасини кўтарди. Солиҳовга капитан Рамазонов керак эди, хайрият, хонасида экан.
— Капитан, бир ишни хом қилибмиз. Менга 1955 йилда Хитойдан ўтиб келган Шариповларнинг рўйхати керак.
— Сиддиқ Шариповга алоқадорларми? — деб сўради капитан.
— Йўқ, умуман Шариповларнинг ҳаммаси керак. Назаримда булар бошқа одамнинг фамилиясига ўтишган. Кечгача аниқлаб беринг, мен эртага Юсуфхонага бориб келаман.

Солиҳовга калаванинг учи кўриниб қолгандай эди. Лекин бу калава учи уни қотил томон бошламай, бошқа бир сир сандиғи сари етаклаётган эди. «Балки Шарипов чиндан Муҳаммадризаевнинг акасидир. Балки бошқа фамилияда қайтгандир. Балки йигирма иккинчи йилда бир жиноят қилиб қочгандир. Хўш, шундай бўлган ҳам дейлик. Ака-ука орасидан нима гап ўтган? Ака-ука можаросини учинчи одам ҳал қилганми? Ким у учинчи одам? Бу саволга Муҳаммадризаев жавоб бериши мумкин. Лекин у айтмайди. Балки... у учинчи одамни кўрмагандир. У келганда акаси ўлиб ётгандир. Акасини сақлаб қололмагани учун ўзини-ўзи лаънатлаб, айблаб жазо олмоқчидир. Ҳарҳолда, ака-ука нима учун айнан Дайдидарада учрашади?».

Йўлчивой ҳаялламади. Солиҳов бугунги сўроқ натижаларини ёзиб, расмийлаштиргунча келди.
— Онангиз қанилар? — деди у Йўлчивойнинг ёлғиз кирганини кўриб.
— Шу ердалар, одамингиз қўймаяпти, паранжини оласан дейди, — Йўлчивойнинг гап оҳангидан унинг қаттиқ аччиқлангани сезилди.

Солиҳов навбатчига қўнғироқ қилиб, паранжили аёлни ўтказиб юборишни буюрди. Шундан сўнг Йўлчивой чиқиб, онасини бошлаб кирди.
— Хафа бўлманг, опа, ишимиз шунақа, — деди Солиҳов узр оҳангида, — ўғлингиз кўп нарсани билмас экан. Қайтганларингиздан сўнг Юсуфхонага бордингларми?
— Дадаси борувдилар.
— Сиз асли Юсуфхонаданмисиз?
— Ҳа.
— Қариндошларингиз йўқми у ерда?
— Йўқ.
— Қирқбелда-чи?
— Йўқ.
— Қизиқ... Ҳеч кимингиз бўлмаса ҳам, яқинларингизнинг қабри бордир. Шунча йилдан кейин ҳам зиёратга ўтмабсиз-да?
— Дадалари борганлар.
— Қайнотангизнинг касб-корлари нима эди?
— Деҳқон эдилар.
— Бойми, ўртаҳолми, камбағалми?
— Камбағал эдилар.

«Бу йигит ўзига пишиққина экан, — деб ўйлади Солиҳов, — кела-келгунча онасини савол-жавобга тайёрлабди. Бу аёлнинг кўзларини кўрсам эдим. Агар ёлғон гапираётган бўлса, кўзлари фош қилиб турарди. Бу йигит шуни билганми, шунинг учун паранжисини олдирмаяптими? Мен уларни чўчитиб қўйдим шекилли? Ўтмишларидан чўчишмаяптими? Бу паранжи аёл юзини эмас, сир-асрор юзини тўсиб турибди».
— Опа, ўтмишни сўраётганимдан чўчиманг. Қайнотангиз бой бўлганида ҳам, борингки, босмачи бўлганида ҳам сизларга заррача зиён-заҳмат етмайди. Мен бу гапларни сизларни айблаш учун суриштираётганим йўқ. Менинг вазифам сизнинг кечмишларингизни ўрганиш эмас, қотилни топиш. Қотилликнинг бир илдизи ўша йилларга бориб тақалар балки, деб гумон қиляпмиз. Эрингиз безорига тасодифан дуч келмаган. У Дайдидарага алдаб ёки мажбурлаб олиб борилган.

Аёл хўрсинди. Бу хўрсинишда паранжи ичидаги вужуднинг қайғу-ҳасратлари зоҳир бўлди. Бу қайғу-ҳасрат тилга кўчадими, айтиладими номаълум. Одамни вужудга яширинган қайғу-ҳасрат ейди. Паранжи ичидаги аёл бунга яна қанча чидайди? Кўрган-кечирганларини балки ўзи билан олиб кетар?
— Опа, исм-насабингизни айтинг.
— Хадича... Шарипова.
— Шарипов — эрингизнинг фамилияси, отангизнинг исми нима?
— Раҳмонқул...
— Эрингизнинг ака-укалари бормиди?
— Йўқ... — аёлнинг овози титради.
— Эрингиз нимага оқсарди?
— Туғма эди.

Солиҳов Жаҳонгирнинг суратини олиб Хадичага узатди:
— Бу кишини танийсизми?

Хадича жим қолди. Хўрсинди. Сўнг йиғламсираган овоз билан:
— Йўлчивой, ўғлим, мени олиб кетгин, мазам қочаяпти, — деди.

Солиҳов савол-жавоб ёзилган қоғозга имзо чекдириб олди-да, уларга рухсат берди. «Барибир чўчишяпти, нимадандир қаттиқ қўрқишяпти. Балки... Учинчи одамни улар билишар? Агар Шарипов билан Муҳаммадризаев ака-ука бўлса бу аёл билиши керак эди. Нима учун суратдаги қайнисини танимади? Ё Муҳаммадризаев танимас даражада ўзгариб кетганми?»

Оқшомда хонага Рамзиддин Рамазонов кириб келди. Қўлидаги чарм жилд орасидан бир варақ қоғоз олиб маёрга узатди.
— Шарипов фамилиясида тўртта оила ўтган. Биттаси Сиддиқ Шарипов. Туғилган ери Юсуфхона қишлоғи. Иккинчиси Сафарқул Шарипов ҳам ўша ердан. Ҳозир шу қишлоқда яшайди. Учинчи Шарипов Пахтаободдан, тўртинчи Марғилондан. Сиддиқ Шариповни Сафарқул билса керак. Эртага отланяпсизми?
— Ҳа. Шариповнинг ўлдирилиши тасодифий эмаслиги аниқ. Оиласи ҳам ниманидир яширяпти.
— Агар зарур ишингиз бўлмаса, менга рухсат беринг. Комлев билан учрашиш учун Самарқандга жўнашим керак.
— Комлев? Тирик эканми?
— Тирик экан. Ўн етти йил ўтирибди.
— Ўн етти йил?.. — Солиҳов ўрнидан туриб, хона бўйлаб юрди. — Ўғри бўлса ўтган умрига ачинмас эдим. Лекин олим одам... Ўн етти йил ичида қанча иш қиларди, а?

Рамазонов «илож қанча?» дегандай елка қисиб қўйди-да, маёрдан ижозат олиб чиқди.

Маёр Санжар Солиҳов Юсуфхона қишлоғига пешинга яқин етиб келди. Қишлоқ тоғнинг кунгай томонига, шундай белига жойлашган, пастликда дарё суви айқириб оқади. Баҳайбат чинор пойида қайнаб ётган булоқ қишлоқнинг жон томирлари уланган юрагига ўхшайди. Ёзда гавжум бўладиган бу жойда ҳозир одам зоти кўринмайди.

Қишлоқ совети раиси маёрнинг мақсадини билиб хаёлга толди.
— Икки йилча бўлди келишганига. Ёзда хотин, бола-чақасини олиб, тоққа чиқиб кетади. Қўй боқади. Ёмонлигини сезмаганман. Ўзи шу қишлоқда туғилиб ўсган экан. Мен яхши билмайман. Ишқилиб шпион эмасми?

Солиҳов раиснинг шубҳасини эшитиб кулди.
— Шпион келиб-келиб сизнинг қўйларингизни боқадими? Мен у кишидан бир гап сўрайман, холос.
— Шундан шунга келган бўлсангиз, бу гапингиз анов-мановга ўхшамайди. Ҳеч эшак минганмисиз?
— Нима эди?
— Сафарқул ака ҳали ёзлоқдан қайтмаган. Ўтовига бораман, десангиз яёв етолмайсиз. Бир одам қўшиб бераман, бошлаб боради.
— Шариповнинг ёшлигини ким билади бу қишлоқда?
— Соқи бобо билиши мумкин. Тўқсон йилнинг у ёқ-бу ёғидаги гапни сўрайверасиз. Ким қайга борган, нима деган — хатосиз айтиб беради. Бобонинг калласи бутун.

Соқи бобоникига раиснинг ўзи бошлаб борди. Маёр ихраб ётган бир чолдир-да, деб ўйлаган эди. Олмазорда кетмон чопаётган қарияни кўриб, «тўқсондан ошган чол шуми?» деган савол назари билан раисга қаради.

Соқи бобо уларни кўриб, кетмонни ерга қўйди.
— Ҳа, раис болам, кел, омонмисан. Эна-отанг омонми? — деди у хўшлашиб.
— Бобо, меҳмон милитсиядан экан.
— Мелисаданми? — қария «илгари кўрмаганманми?» дегандай тикилиб қаради. — Қирқ саккизинчи йилдан бери қадам босмай қўювдиларинг, йўқ бўп кетгансанлар, деб ўйлабман. Маъмурни қирқ саккизинчи йилнинг рамазонида олиб кетишувди-да. Асирда бўлгансан, деб отворганмисанлар, жа дараги йўқ-ку, бояқишнинг.
— Бобо, мен у одамни билмайман. Мен бошқа хизмат билан келдим.
— Хизматингни қара сенинг. Туппа-тузук одамни қамайсан, отасан, гўрга тиқасан... Шуни хизмат деб юрибсанми?
— Соқи бобо, бу одам унақа эмас, ўғри, каллакесарларни ушлайди.
— Бизнинг қишлоқда ўғри йўқ, болам, бекор овора бўпсан. Юсуфхонадан авлиёлар ўтган. Анавини кўряпсанми, ҳазратим Али бир кетмон уриб олганлар. Кейин булоқ бўйида ҳордиқ чиқарганлар.

Санжар Солиҳов чол имо қилиб кўрсатган томонга қаради. Чиндан ҳам тоғнинг ярми кетмонда олингандай тиккасига кесилган эди.
— Бобо, Сафарқул деган чўпонинглар бор экан. Шу одам йигирманчи йилларда Қашқарга ўтиб кетган экан?
— Сафарқулми? Йигирма тўртинчи йилда кетган. Хомроқ чиқди шу бола. Отаси раҳматли ҳам бўш-баёв эди. Йигирмадан ошган йигит «Қўйларимни ҳайдаб обориб берсанг, юз тилла бераман», деса ишониб кетаверадими? Ҳемирини ҳам бермабди. Мусофирликда хор бўлиб, ана, қайтди яна.
— Кимнинг қўйини ҳайдаб кетган?
— Ўрозбойваччаникини. Сафарқулга пул зарур эди. Уйланай деса, бир дона бутун нони йўқ. Хўп деган-да бояқиш.
— Сафарқул аканинг оға-инилари бормиди?
— Бор эди-ю, турмаган. Оға-инилари ўлиб-ўлиб бир ўзи қолган эди.
— У ёқдан дурустроқ бўлиб қайтишгандир. Ахир қўша-қўша гиламлар билан келишяпти.
— Бе, — чол кулди, — шу Сафарқулнинг пешонасига буюм битарканми? Подшога хазиначи бўлсаям йиртиқ чориғини судраб юраверади бу.
— Қашқарда орттирган танишлари ҳеч йўқлаб келишганми?
— Мен кўрмадим, сен-чи, раис болам? Кўрмадингми? Раис кўрмаган бўлса, мен кўрмаган бўлсам, келмаган ҳисобланади-да, бизга ишонавер. Менга қара, бунча суриштириб қолдинг, Сафарқулимиз шпионмасми мабодо?

Бу гапдан раис кулиб юборди.
— Нега куласан, нодон! Гапларини эшитяпсанми бунинг?
— Шпионмас экан, бобо, хотиржам бўлинг.
— Хотиржам бўлмай нима, — чол қўл силтаб қўйди. — Бу дунёнинг тайини қолмади. Одам боласи ризқи билан бирга туғилади. Киндик қони қаерга томса — ризқи ўша ерда. Ота юртида тўймаган одам мусофирликда тўярканми! Қорни тўйгани билан кўзи очиқ кетади. Биров сени хафа қилган бўлса ерингни ташлаб жўнайсанми, нодон! Ерда нима гуноҳ? Ер сени тўйдирса, устингни бут қилса. Ҳа, ер кўр қилгурлар-э, қочиб кетишди? Қочиб нима барака топди? Ана, ўша чориғини судраб қайтди. — Чол Солиҳовнинг кўнглидаги гапларни айтаётган эди, шу сабабли индамай қулоқ солди. — Бир ўзлари кетишди, бир қолганларни қувғин қилишди. Ернинг тилини биладиган одам борки, ҳар томонга саргардон бўлди. Сен билиб қўй, раис болам, ким ерга меҳрини бериб ишласа — бой бўлади. Қорнини силаб ётган одам бой бўлиб қолмайди. Энди кўзларингни оч, биз ҳам ана-мана деб турибмиз, биздан кейин ким эплайди бу ерни?
— Хўп, бобо, бизга рухсат беринг, борайлик.
— Атай шуни сўрагани келдингларми? — чол Солиҳовга ажабланиб қаради. — Қуруқ кетманглар, меҳмон қилай.

Улар қарияга миннатдорчилик билдириб, изларига қайтишди. Раиснинг хонасида чой ичишгач, бир йигитча иккита эшакни етаклаб келди. Яйдоқ эшакка ўзи, тўқим урилганига Солиҳов миниб, йўлга тушишди. Солиҳов бир-икки эшак минган, лекин ўрнашиб ўтиришга ҳали одатланмаган эди. Эшак йўрғалаганда худди отилиб кетадигандай жиловга ёпишарди. Айниқса, эшак лойда сирғанганида учиб кетай дерди.
— Ака, сиз хачир минишингиз керак экан, — деди йўл бошловчи.
— Нега энди? — деб ажабланди Солиҳов.
— Оёғингиз узун экан, ерга тегиб қолай деяпти, — деб кулди йигитча.
— Шуниси дуруст, йиқилиб тушмайман, — деди Солиҳов ҳам кулиб.

Қуёш ботиб, чўққилар қовоқ уя бошлаган пайтда манзилга етиб боришди. Унча катта бўлмаган кўл бўйига учта ўтов тикилаган, ўтовдан сал нарида тошдан қўтон қурилган эди.
— Сафарқул ака! — деб чақирди йигитча ўтовга яқинлашгач.
— Бақирма, кўриб турибман келаётганингни.

Ўтовдан ўрта бўйли, юзи япалоқроқ одам чиқди.
— Бу акам сизга меҳмонлар, сўрайдиган гаплари бор экан, — деди йигитча эшакдан тушиб.
— Гаплари бўлса, бош устига, тун узун, гаплашаверамиз, — Сафарқул шундай деб Солиҳов билан сўрашди. Санжар Солиҳов эшакдан тушганидан кейин йўл азобини ҳис қилди. Бели тортишиб, оёқлари ўзига бўйсунмай қолди.
— Эгамқул!

Ўтовдан бир қўлида обдаста, иккинчисида сочиқ ушлаган ўн уч ёшлардаги бола чиқиб, меҳмонларга салом берди. Солиҳов ювиниб олгач, ўтовга киришди.
— Жаннатнинг мана шу бўлагида бола-чақа билан Худо, деб ётибмиз, — деди Сафарқул, меҳмонга лўлаболиш узатиб. — Қорнимиз тўқ, қулоғимиз тинч. Шунисига шукр. Яна беш кундан кейин қишлоққа қайтамиз. Қишнинг нафаси келиб қолди.

Сафарқулнинг Эгамқулдан каттароқ уч ўғли кириб меҳмон билан сўрашиб, бироз ўтириб, сўнг чиқиб кетишди. Дастёрликни Эгамқул қилди. То овқатланиб бўлишгунча ҳам Сафарқул меҳмоннинг мақсадини сўрамади. Солиҳов ҳам шошилмади.
— Худо тўрт ўғил берди менга. Иккитасини уйлантирдим. Қишлоққа қайтсак, Худо хоҳласа учинчисини уйлайман. Худо буларнинг ризқини бутун қилиб берди, кўз тегмасин.
— Сафарқул ака, ака-укалар йўқми?
— Ёлғизман, иним. Суянадиган тоғим, маслаҳат берадиган донишмандим йўқ. Шунинг учун ҳам саргардон бўлдим. Менга зарур эканми мусофирликда хор бўлиб юриш.
— У томонда нима иш қилдингиз?
— Менинг ҳунарим битта — қўй боқаман. Ҳа, ҳайрон бўляпсизми, у ёқда ҳам қўй боқсангиз, буёқда ҳам аҳвол шу бўлса, нимага овора бўлиб келиб юрибсиз, демоқчимисиз? Э, иним, сиз тушунмайсиз, мусофирнинг дардини англашингиз қийин. Отамнинг арвоҳини чирқиратиб кетувдим, шу гуноҳ билан ўтаманми, девдим, йўқ, Худо раҳм қилди.
— Қашқарда яқинларингиз бормиди?
— Кимнинг қўйини боққан бўлсам, ўша яқиним эди.
— Саволга тутаётганимдан ажабланманг, мен милитсияданман.
— Сезиб турибман. Ҳарҳолда, мени томоша қилгани келмагансиз. Сўрайдиганингизни сўрайверинг. Гуноҳим бўлса олиб кетарсиз.
— Сизни олиб кетгани келганим йўқ, — Солиҳов шундай деб ён чўнтагидан Жаҳонгир билан Сиддиқ Шариповларнинг суратларини олиб, унга узатди. — Шу одамларни танийсизми?

Сафарқул суратларга бир-бир назар ташлади.
— Бу Оламгир ака, бунисини танимайман.
— Яхшилаб қаранг-чи, бир-бирига ўхшамайдими?

У икки суратни ёнма-ён қўйиб тикилди.
— Кўзлари ўхшаб кетади. Лекин бошқа-бошқа одам иккиси.
— Демак, бу одамнинг исми Оламгир, — деди Солиҳов Жаҳонгирнинг суратини чўнтагига солиб, — қаердан танийсиз?
— Қашқарда хизматини қилганман.
— Қўйини боққанмисиз?
— Қўйи йўқ эди унда, уйида қароллик қилганман. Ўрозбойваччанинг номардлигидан куйиб юрганимда шу одам йўлиқди. Бошпана берди. Бунинг ҳам бошига кулфатлар тушган экан.
— Қанақа кулфат?
— Отасини шўролар отиб ташлаган экан, укаси йўлда қазо қилибди. Сўнг хотинидан айрилибди. Оламгир аканинг бағри кенг эди. Бошқага уйланмай, укасининг хотинига ўйланди. Йўлда туғилган болага оталик қилди.
— Укаси нимадан ўлган экан, айтмовдими?
— Булар кўчкига дуч келишган. Укаси беш-олти йигит билан олдинда кетаётган экан, ғафлатда қолган.
— Исмини айтмаганми?
— Айтган бўлса ҳам эсимда йўқ.
— Сиз бу одам билан бирга қайтдингизми?
— Ҳа.
— Нима учун исм-насибини ўзгартирди, сизга айтмадими?
— Айтган: у қайтиш учун рухсат ололмай юрган экан. «Бу дунёнинг қилиқларини англаш мушкул. Шўро ҳукумати олдида гуноҳим йўқ. Шундай бўлса ҳам эҳтиёт-шарт. Сен билан ака-укадай эдик, ака-укадай рўйхатга тирка, бирга кетайлик, яхшилигинг ерда қолмайди», деди.
— Сизга нима берди бунинг эвазига?
— Гилам бермоқчи эди, олмадим. Ўзимники пешонамга битсин, дедим.
— Оламгир Қирқбелданми?
— Ҳа, ўша ердан.
— У ерда қариндошлари йўқми?
— Опаларим қолган, дерди. Яна билмадим.
— Юсуфхонага ҳеч келдими?
— Йўқ, ўша хайрлашганимиз бўйи учрашмадик.
— Қашқарда бирон-бир одам билан ёвлашиб қолмаганмиди?
— Буни яхши билмайман. Мен улардан нари эдим, кам кўришардим. Биров билан ёвлашмагандир. Феъли торроқ эди-ю, аммо қўрқоқлиги ҳам бор эди.

Санжар Солиҳов Оламгирнинг суратини олиб чўнтагига солди.
— Иним, мен ҳам сиздан гап сўрай, ижозатми?
— Сўранг.
— Оламгир акани нима учун суриштириб қолдингиз, тинчликми?
— Тинчлик эмас-да. Оламгир акангизни ўлдириб кетишибди.

Сафарқул «янглиш эшитмадимми?» дегандай Солиҳовга қараб қолди, сўнг пичирлаб дуо ўқиб, юзига фотиҳа тортди-да, «Қазо ўзининг ерида қувиб етибди», деб қўйди.

Солиҳовнинг илтимоси билан кўл бўйига чиқишди. Осмон тиниқ. Юлдузлар юзида дудли хира парда йўқ. Енгил шабадада жимирлаётган кўл суви беш кунлик ой аксини авайлаб ўйнайди. Осмонни забт этган юлдузлар, кўл атрофини садоқатли соқчилардай ўраб турган тоғлар ўзлари қарор топтирган сукутдан маст. Ўзига қандайдир сеҳрни яширган бу сукут Солиҳовни ҳам ўзига бўйсундирган. Кўлга тикилиб турган Солиҳовга шаҳардаги ола-ғовур, югур-югурларнинг бари бекорчи бўлиб туюлди. «Табиат инсон боласига шундай ажойиботларни, сеҳрли инъомларини берса-ю, ношукр одамлар булардан кўз юмиб майда-чуйда нарсаларни талашсалар, бир-бирларини ботқоққа ботирсалар, оёқдан чалсалар, азобласалар, ўлдирсалар... Шу ернинг норасмий хўжаси мана шу япалоқ юз чўпонни биров назарга илмайди. Чунки уйида қўша-қўша гилами йўқ, кўмиб қўйган тиллаю пуллари йўқ. Буни шаҳарда одамларнинг чақасига кўз тикиб ўтирган газ сув сотувчидан тортиб, гердайиб юрган олимгача менсимайди. Балки Сафарқулнинг бахти ҳам шундадир? Унинг учун энг муҳими — ота юртида яшаш. Безаклару буюмлар хаёлига келмайди. Мана шу кўл, мана шу тоғ Сафарқулники. Қишлоққа ёки шаҳарга бориб шундай десам, мени телбага чиқаришади. Лекин шу одамдан бошқаси бу ерга келиб турмайди. Агар ёнимда минг тилла бўлсаю буни Сафарқул билса, кўнглида ёмонлик уйғонмайди. Чунки у ҳалолига ўрганган. Лекин бошқалар бир сўм учун одам ўлдириши, битта амал курсиси учун одамни бадном қилиб юбориши мумкин. Нега шундай? Биз кимларга сиғинишимиз керак?..»
— Изғирин турди, совқотмадингизми? — деди Сафарқул, унинг ёнига келиб.
— Бунақа ажойиботни ҳар куни кўравермаймиз. Бир кўзларим тўйиб олсин, — деди Солиҳов.
— Бу ҳам бир неъмат. Тоғлар ҳам, кўл ҳам, довдарахт, ўт-ўлан ҳам одамга ўхшайди. Яхши гапириб, бошини силасанг, марҳаматларини аямайди. Ношукрлик билан оёқости қилсанг, ғазабга келади. Инсон боласини шу табиат боққанидан кейин, табиат олдида ҳамиша қуллуқ қилиб туриши керак, маъқулми, иним?

Солиҳов «тўғри», деб қўйиб, олимларнинг «Ёввойи табиатни енгамиз!» деган шиорини эслади. «Ким ҳақ — бу саводсиз чўпонми ё мияси билимга ғиж-ғиж тўлган олимми?» деб ўйлади.
— Сафарқул ака, олимлар табиатни енгиш керак, дейишяпти.

Сафарқул бош чайқаб, кўл томон уч-тўрт қадам қўйди.
— Берироқ келинг, — деди Солиҳовга қараб, — мана шу кўлни тоғнинг нарёғига ўтказиб беринг ёки ҳов тоғни йўлдан олинг. Эрта-индин қалин қор тушади, шу қорни ёғдирманг, биз овора бўлиб қишлоққа бориб юрмайлик.

Солиҳов чўпоннинг мақсадини тушуниб кулимсиради.
— Қўлингиздан келмайдими? — деди Сафарқул истеҳзо оҳангида. — Келмайди. Хўш, қандай енгмоқчисиз? Табиат сизга нима ёмонлик қилди? Нимага енгмоқчисиз?
— Мен олимларнинг гапини айтдим, Сафарқул ака, — деди маёр айбдор одамнинг овозида.
— Олимларингизга айтиб қўйинг, тузлуққа тупуришмасин, — Сафарқул бироз жим қолди. Сўнг яна тилга кирди: — Мен эсимни таниганимдан бери қўй боқаман. Ота-бобом ҳам қўй боққан. Биз табиатни енгишни ўйламаганмиз. Болаларим ҳам ўйламайди. Бу ерларда яшайдиган одамлардан бунақа аҳмоқона фикр чиқмайди.

Сафарқул бошқа гапирмади. Солиҳов ҳам уни гапга тутмади.

Тун ўз ҳукмида қаттиқ эди. Юлдузларнинг жимирлаши ҳам, ойнинг сувдаги акси ҳам бу ҳукмга қатъий бўйсинар эди. Юзаки қаралса, бу тун ҳам, баргларнинг бу шивири ҳам, чигирткаларнинг чириллаши ҳам одатдагидай, ўзгаришсиз эди. Тунлар тунларга ўхшайди. Зоҳиран шундай. Ботинан эса, одамнинг кечаги умри бугунгисига ўхшамаганидай, тунлар ҳам тунлардан фарқ қилади, фақат биз буни сезмаймиз. Солиҳов майлини ана шу бетакрор тун ҳукмига берди.

Эрталаб Сафарқул ҳам йўл тадоригини кўрди.
— Иним, малол келмаса, мени шаҳарга ола кетинг. Оламгир аканинг уйини кўрсатиб қўйсангиз бас. Фотиҳа ўқиб қайтаман. Ҳарҳолда, тузларини ичганман, эшитиб туриб бормасам гуноҳ бўлади.

Сафарқулнинг бу нияти Солиҳовга ёқиб тушди. Чунки бу ташриф кўп сирлар сандиғини очиши мумкин эди.

«Ака-ука орасида нима гап ўтган? Нима учун Жаҳонгир хорижга кетмаган? Улгурмаганми, қўлга тушиб қолганми? Оламгир унинг хотинини олиб қочганми? Нима сир бор уларнинг орасида? Йўлчивой воқеадан бехабардир. Лекин онаси билади, била туриб нимага яширади? Балки опалари билишар? Улар тирикмикин?»

Сафарқулнинг изидан бораётган маёр Солиҳов ана шу саволларга хаёлан жавоб изларди.

Солиҳов Сафарқул билан кўл бўйида суҳбатлашаётганида капитан Рамзиддин Рамазонов поезд вагонининг юқори ўриндиғида чалқанча ётиб Самарқанддаги учрашувни, суҳбатни ўзича таҳлил қилар эди.

Улар «Абрам булвари» деб номланган жойда учрашдилар. Хиёбонда одам кам. Аҳён-аҳёнда қўзғаб қоладиган аччиқ шамол хазонлар орасидан бирнимани излагандай титиб — тўзитади, ҳеч нима тополмагач, тинчийди.

Бошига кепка кийиб олган, қадди сал букилган, бироқ ғайрат тарк этмаган Сергей Комлев ўтириб суҳбатлашишга унамади.
— Азизим, мени афв этинг, ҳар бир дақиқам саноқли менинг, — деди у. — Ҳарҳолда ўн етти йилни бой бердим. Мантиқан олиб қарасак, сиз билан гаплашмаслигим керак эди. Чунки ўн етти йилнинг гуноҳи сиз каби одамларнинг бўйнида. Лекин мен гина сақламайман, бу биринчи, сиз қамамагансиз — бу иккинчи, зарур иш билан атайин келибсиз — бу учинчи. Зарур ишингизни айтинг.

(Рамазонов Комлевнинг соф ўзбек тилида гаплашишидан лол эди. Муҳтарам ўқувчининг ёдида бўлса, Комлев 1922 йилда Жаҳонгир билан учрашганида ўзбекчани бузиброқ сўзларди. Орадан йиллар ўтиб, тарих илми билан шуғулланиш жараёнида у тилни бинойи ўзлаштириб олганди).
— Сиз Жаҳонгир Муҳаммадризаевни биласизми?
— Биламан, у тирикми?
— Тирик.
— Тириклиги яхши, лекин сизнинг суриштириб қолганингиз чатоқ. Нима гап ўзи? Мен уни охирги марта ўттиз еттинчи йилда кўрганман.
— Сиздан кейин у ҳам кетган. Сўнг партизанлар отрядида бўлган. Кейин яна... Хуллас, ҳозир қотилликда айбланяпти. Очиқроғи — ўзи бўйнига олиб турибди.

Комлев унга қаттиқ тикилди.
— Бўлиши мумкин эмас! — у шундай деб қўлини орқасига қилди-да, тез-тез юриб кетди. Кейин бирдан тўхтаб, орқасига ўгирилди. — Мен ишонмайман! Бўлиши мумкин эмас! Бир одамни шунча қийнаш мумкинми? Айтинг, инсоф борми, сизларда!
— Сергей Василевич, ахир...
— Жим бўлинг, илтимос, жим бўлинг. Сиз «саволни мен бераман», дейишни яхши кўрасиз, маъзур тутинг, азизим, энди савол бериш навбати бизга ҳам етди. Шу саволни бериш учун ўн бир йил у ёқда, олти йил бу ёқда маъдан қазидим. Балки шу саволни бериш учун ўлмай қолгандирман: мен ўзимни айтмай, унинг айби нима? Қишлоғига бировлар ўт қўйди, жабрини у тортди. Эътиқодли одам қишлоғига ўт қўймайди, билиб олинг. Ўттиз еттинчи йилда мен билан учрашгани учун қамабсизлар. Мен Темур даври маданиятини ўрганганим учун халққа душман эканман. У-чи? У ўрганишни истамаган эди. Жаҳонгир балки катта олим бўларди. Лекин унинг ҳаётда бошқа бир мақсади бор эди, афсуски, бу мақсадни бировга айтмасди. У шу мақсадининг қурбони бўлдими ё йўл тополмай гангиб жарга қуладими? Жар ёқасига ўзи бордими ё сизлар мажбурладингларми?
— Сергей Василевич, у гапларни менга айтганингиз чакки. Мен тўрт йил урушда жанг қилдим, энди жиноят қидирув бўлимидаман. Аҳволингизни тушуниб турибман.
— Аҳволимга тушуниб бўпсиз! Сизни айбламайман! Аммо ҳамкасбларингизда виждон йўқ. Биронтаси чиқиб, тавба қилдими? Майли, бизга тавба қилишмасин, марҳумлар хотираси олдида тавба қилишса бўларди. Ҳа, майли, қўйинг уларни. Мендан нимани истайсиз?
— Йигирма иккинчи йилда бирга ўгирганларингда кимдандир ўч олиши лозимлигини гапирганми?
— У ерларда, азизим, ўч олиш ҳақида эмас, тирик қолиш ҳақида гап борарди.
— Акаси ҳақида гапирмаганми?
— Акаси?.. Назаримда ҳеч кими йўқ эди унинг. Ҳа... опалари бўлган. Қулоқ қилинган экан. Излаб тополмабди. Ўттиз еттида учрашганимизда шундан афсусда эди.
— Пешонасидаги ёзувдан хабарингиз бордир?
— Ҳа, «алқасосу минал ҳақ». Бу «қасос оламан» дегани эмас, «Қасос Ҳақдандир» дегани. Яъни, бошига бу кунларни солганлардан Худонинг ўзи қасос олади, демак. Нима, сиз йигирма иккинчи йилдаги алам учун энди ўч олди, деяпсизми?
— Бўлиши мумкин эмасми? Пушкинни эсланг: сўнгги ўқни отиш учун неча йил пайт пойлади?
— О, Пушкинни ҳам биласизми? Азизим, Пушкин бу асарни сизларга қўлланма сифатида ёзмаган. У санъат асари! Унда тирик одамлар, уларнинг руҳияти бор. Сизлар учун руҳият сариқ чақа-ку? Сизларга дали керак, гувоҳ керак. Учтагина гувоҳ...
— Шахсан мен учун сариқ чақа эмас. Қотилнинг руҳиятини билолмасам, жиноят илдизини очолмайман. Сиз ҳам бизнинг руҳиятимиз билан ҳисоблашмаяпсиз. Хато қилинди, тан олинди. Лекин жиноятлар давом этяпти, одамлар ўлдириляпти. Демак, жамият бизнинг хизматимизга муҳтож.
— Шундайми? Лекин, азизим, бу хизматларингиз идорангиз гуноҳларини ювиб кетолмайди. Юз йилдан кейин ҳам бу маломатдан қутулолмайсиз.

Рамазонов Комлевга эътироз билдира олмади. «Чиндан ҳам шундай, — деб ўйлади у, — игна билан топган-тутган обрў паншаха билан совурилди. Яна игна билан обрў тўплаш мумкин бўлармикин?»
— Сергей Василевич, мен сиз билан баҳслашгани келмовдим, — деди капитан гапни буришга мажбур бўлиб.
— Ҳа, ҳа, тушунаман. Мен саволларга жавоб бердим шекилли?
— Сиз Муҳаммадризаев билан учрашишни истамайсизми?

Бу таклифни Комлев кутмаган эди. Шу сабабли дарров жавоб бермади.
— Очиғини айтсам, Муҳаммадризаевнинг қотилликни бўйнига олиши бизда гумон уйғотган. Жиноят илдизи бошқа ёқда бўлиши керак.
— Ҳозир қамоқда ўтирибдими у?
— Ҳозир... шифохонада.
— Яхши, бораман. Лекин сизга ёрдам бериш учун эмас. Жаҳонгир учун бораман. Эртага илмий кенгашим бор. Рақибларимни янчиб, кейин бораман.
— Рақибларингиз ҳам борми? — деди Рамазонов ҳазил оҳангида.
— О, сиз нима деб ўйловдингиз, — деди Комлев бу нимҳазилни тушунмай. — Бизни суд оқлади, лекин ҳамкасбларимиз оқлагани йўқ. Ўттиз еттинчи йилда илмий ишимга қарши турганлар ҳали ҳам қарши. Олам ўзгариб кетди, лекин уларнинг дунёқараши ўзгармаган. Ўзбекларга ҳайронман, Мен русман, ўзбеларга қараб: «Тарихларинг бой», десам улар «Бизга бундай тарих керакмас», дейишади. Сиз ширин палов пишириб қўшниларга улашсангиз-у, ўзингиз оч ўтирсангиз, шунақаси бўладими? Бўлар экан. Ўзбекнинг маданият тарихидан бутун дунё баҳраманд, ўзи эса кўзларини юмиб, қулоқларини беркитиб олган. Кўзни очишга қўймайдилар. Эртага улар билан олишаман. Умр сўқмоғини кураш ва алам шамоллари супуради. Ундан кечиб бўлмайди.

Рамзиддин Рамазонов бу ҳаракатчан одам билан узоқ суҳбат қургиси келган эди, аммо Комлев гапни калта қилди. Соатига қараб олдию хайрлашиб, шошилганича кетди.

Вагоннинг юқори ўриндиғида чалқанча ётган Рамазонов шу суҳбатни эслаб, бу одамнинг донолигию иродасига тан берди.

Маёр Солиҳов Юсуфхонадан, капитан Рамазонов Самарқанддан яхши кайфият билан қайтдилар. Улар бу учрашувга қадар зимистонда шам кўтариб, игна қидираётган одам ҳолида эдилар. Зимистон шам ёруғлигини ютаман, дейди. Атрофдаги одамлар эса, «игна у ердамас, бу ерда», деб чалғитадилар. Бунақада игнани топишдан буткул умид узиб қўйиш мумкин эди. Шундай хулоса сари бурилишда улар қўлидаги шам яхшироқ ёритгандай бўлди.

Саҳродаги яхши одат

Жаҳонгирни шифохонада Шоқол билан қолдирган эдик. Унинг аҳволи нечук экан? Деворларига қадар дори ҳиди унниқиб кетган бу тор хонада хаёлига нелар келди?

Поёни осмонга туташ саҳро. Саҳрода биргина тирик зот. У — Жаҳонгир. Қумнинг оташи оёғини куйдиради. Осмоннинг қоқ ўртасида илиниб олган қуёш унга қасд қилган: оловли нафаси билан куйдириб ташламоқчи. Томоқлари қуриган. Оёқда мажол йўқ. Аммо сўнгги кучини тўплаб олға юради. Яна бир бархан, балки икки барханни ошиб ўтгач, жонга роҳат берувчи булоққа етади. Булоқ атрофи дарахтзор, худди Қирқбелга ўхшади. Қўнғироқларини жаранглатиб карвон ўтади.

«Ҳой, йўловчи, юр, биз билан, жонингни қийнама», дейди карвонбоши.

«Менинг манзилим бошқа», дейди Жаҳонгир.

«Нима сен Мажнунмисан, Лайлининг ҳажрида ўртаняпсанми? Муҳаббат сени шу кўйга солдими?» дейди карвонбоши.

«Тўғри топдингиз, Мен Мажнунман, мақсадим мажнуниман. Мен муҳаббатга бегонаман. Манзилимга муҳаббат билан бориб бўлмайди».

Карвон кетади. Бошқаси келади, яна кетади. Ниҳоят, икки барханни ошиб ўтади. Ана — булоқ! Ана — жон роҳати! Лекин... сув йўқ-ку?

«Сен кечикдинг. Биров ичиб қўйди».

Бу — отасининг овози.

«Ота, қаердасиз?»

«Сувингни биров ичиб қўйди, кечикдинг».

«Отажон, қаердасиз?»

«Кечикдинг, болам».

«Ота!»

Жавоб йўқ. Булоқ ҳам йўқ, дарахтлар ҳам... Саҳро... Ёлғиз ўзи турибди. Қўнғироғи жиринглаган карвон ҳам йўқ... Осмонга илиниб турган қуёш ямламай ютаман, дейди.

Жаҳонгирнинг нафаси қайтиб, уйғонди. Шоқол ёндаги каравотда чордана қуриб олган, худди афсунгардай унга тикилиб ўтирибди.
— Отангизни соғинибсиз, пахан, роса чақирдингиз. Одамга уйқу бермас экансиз. Мен-ку, кечаси ухламайман. Олим болани қийнавордингиз.
— Ўзи қани?
— Гум бўлди. Тузалибди. Энди онасини кўради. Иккаламиз қолдик, пахан. Менам чиқиб кетаман бу ердан. Аниқ биламан, уч йилдан ортиқ беришмайди менга. Чиққанимдан кейин бир ишга шўнғийману мол-дунё йиғиб оламан.
— Мол-дунё шу пайтгача бировга вафо қилган эмас.
— Менга вафо қилади, ҳаммасини ўйлаб қўйганман.
— Мол-дунё десангиз якка-мохов бўлиб қоласиз. Бир бой хасталаниб ётса ҳам уни йўқловчи топилмабди. Бунинг сабабини донишманддан сўраса у: «Одамлар сиздан қарздор, шунга уялиб келишмаяпти», дебди. Шунда бой «Одамлардан ажратиб қўйган мол-дунёга лаънатлар бўлсин», деган экан.
— Бу ўтган замоннинг гапи, пахан. Ҳозир дўстинг қанча кам бўлса, шунча яхши — тинч яшайсан. Сотадиганлар кам бўлади.
— Шоқолнинг «сотадиганлар кам бўлади», деган гапи 1933 йилни, Қирқбелни, уйига хўжайинлик, қилиб турган Сотволдини, «Сотти хат юборди», деб ранги ўчиб турган Даминни Жаҳонгирнинг ёдига солди.
— Мударрис Жаҳонгирнинг тез қайтишидан ажабланди. Бунақа пайтда айрим одамлар «нима бало уйингдан илон чиқдими», дейишади. Жаҳонгир мударрисдан шунга ўхшаш савол кутган эди. Бошқача шароит бўлганида балки мударрис — Низом қоровул шу қабилда ҳазилнамо гап қилиши мумкин эди. Бироқ, бошпанаси йўқ одамга шундай дейиш меҳмон ташрифини малол олгандай туюларди. Низом қоровул «Эсон-омон бориб келдингизми, бўтам», деб гапни қисқа қилди. Ҳаммасини Жаҳонгирнинг ўзи айтиб берди: уйидан «илон чиққанини» ҳам, опаларининг қулоқ қилинганини ҳам, Соттининг раёнга туширган хатини ҳам айтди.

Липиллаб ёнаётган қора чироқ ҳужрани аранг ёритарди. Жаҳонгирнинг зимистон юрагига ҳозир минглаб чироқ ёқилса ҳам ёритолмаган бўларди. Аламга чулғанган бу зимистон юракка фақат доно маслаҳатгина нур бериши мумкин, мударрис эса бу нурни бахш этишга шошилмас эди. У чироқнинг эшилиб тўлғонаётган ўтли тилига анча фурсат тикилиб ўтирди.
— Ёниб турган шам тепасидаги шифтдан, ёнидаги деворлардан нафратланибди, — деди у ўйчан оҳангда. — Булар менинг йўлимни тўсяпти, мавжимни пасайтиряпти деб ғазабга минибди. Аввал шифтни, кейин деворни маҳв этишга қасд қилибди. Бу билан ўз ўлимини чақирибди. У нодон билмабдики, бу шифт, бу деворлар уни ўчириб қўйиши мумкин бўлган шамолдан асрайди. — Мударрис шундай деб яна сукут сақлади. Кейин енгил хўрсиниб, қиссадан ҳисса ясади: — Не фалокатки, замонда нодон шамлар кўпайди. Нодонликлари туфайли ўзларигина ўчсалар майлига эди, қанча умр ўтини ҳам ўчирдилар. Бўтам, мени айбга буюрманг, сизга қаноат тилашдан ўзга чорам йўқ. Бу кунда топталган кўкатнинг оҳли қўшиғини тингловчи юракни қайдан топамиз? Менинг заиф онгим сизнинг қоронғи йўлингизни ёритишга ожиз. Мен ўзимни Оллоҳнинг ихтиёрига бериб, бу дунё ғамларидан холи бўлишни ният қилганман. Хоҳиш билдирсангиз, мен билан бирга яшанг.
— Тақсирим, шу сўзларингизни ўзиёқ мен учун бир дунё, Худо умрингизни зиёда қилсин. Мен бунда ўтира олмайман. Опаларимни излаб топай, ҳолидан хабар олай.
— У ҳолда мен сизни ёлғизлатмай. Шўро идораларида хизматда турган талабаларим бор, улар опаларингизнинг қайдалигини сўраб-суриштириб беришади.
— Малол келмаса, шаҳарнинг номдор заргарларидан бир-иккитасини ҳам билиб беринг.

Мухтасар кенгаш шу билан якунланиб, устоз-шогирд Оллоҳнинг марҳаматлари, кароматлари, мўъжизаларидан суҳбатлашиб ўтиришди.

Бир ҳафта умидли хабарни кутиш билан ўтди. Бу вақтда Жаҳонгир икки заргарга учради, иши юришмади. Улар пешонасида ғалати ёзуви бор бу одамнинг таклифини эшитишни ҳам исташмади. Учинчи заргар қирқбеллик Муҳаммадризо номини эшитган эканми, бир кунлик мулоҳазадан сўнг Жаҳонгирнинг мушкулини осон қилди. Жаҳонгир қўлига пул теккан куниёқ жаллобдан бир қўй олиб, мадраса ҳовлисида сўйди. Гўшт-ёғни бўлиб, мударрисга берди. У атрофдаги хонадонларга тарқатиб чиқди. Ўзларига теккан бир бўлак гўшт баҳонасида шу кун қора қозон қайнади.

Шўро идораларида ишлаётганлар мударрисларининг илтимосини ерда қолдиришмади. Ўн икки кун деганда Жаҳонгирнинг қўлига бир парча қоғоз тегди. Ундаги хабарга қараганда катта опасининг оиласи Ростов томонларда, кичик опаси эса Брянск ёқларда паноҳ топган эди.

Жаҳонгир хабарномани олган куниёқ йўлга отланди. Мударрис — Низом қоровулнинг хайрлашув чоғи унга айтган гапи қисқа бўлди:
— Яхши-ёмон гапларимга ризо бўлинг, бўтам...

Одам ёлғизликни ихтиёр қилгани билан олам аро якка яшай олмайди. Бугун кўзига ёмон кўринганлар вақт ўтиши билан авлиё туюлиб, уларга интилади. Жаҳонгир совуқ тутқунликда юрганида «опаларим бошига шундай кунлар тушар, мен ўз уйимдан қувиларман, деб ўйламаган эди. Назарида унинг икки йўли бор эди: бири — қишлоқда яшаб, акасининг қайтишини кутиш. Бу қозонга тош ташлаб, ош пишишини кутишдек бир гап эканини у англарди. Акаси тирикми, омонлик билан у ёққа ўтиб кетганми, эсонлик билан қайтадими, қайтишни истайдими, йўқми — Яратгангина билади. Жаҳонгирга маълуми шуки, юраги: кут, келади, бошқа чораси йўқ, ота ернинг оҳанрабоси тортади, деди. Иккинчи йўли — акасининг изидан тоғ ошиб бориш, уни топиш ва ўша ерда отаснинг хунини олиш... Жаҳонгир учинчи йўл ҳам мавжуд бўлиши мумкинлигини ўйламаган эди. Ҳозир-ку, учинчи йўлга қараб кетяпти. Ҳали пешонасида яна қанча йўл бор — ким билади? Бу дунёда умр кўриш сайд изидан қувиб юрган сайёд ҳаёти каби кечса-чи?

Ростовнинг чўлида катта опасининг изини топмади. Бироз қўпол, кўзлари қирғийдек боқувчи казаклар унинг илтимосларига қўл силтаб қўя қолишарди. Саккиз кун қишлоқма-қишлоқ кезиб мадори қуриди. Бу томонларда очлик арвоҳининг сояси унча сезилмас эди, бироқ бегонанинг бир бурда нон олиши ҳам амри-маҳол эди. Жаҳонгирнинг сўнгги илинжи — бир неча хонадонлик хутор — қамиш томли пастак уйларнинг этагидаги ертўлада яшовчиларда эди. Казакларнинг айтишича, у ерда ўзбеклар яшарди. Жаҳонгир бошқа қишлоқларда уч ўзбек оиласини кўрди, лекин улар қирқбелликларни учратишмаган, эшитишмаган эди. Сўнгги оила қозоқлар бўлиб чиқди. Уй эгаси, кенг елкали бақувват қозоқ Жаҳонгирнинг саргузаштларини индамай эшитди.
— Шу ерга юборишгани аниқми? — деди у Жаҳонгир ҳикоясини тугатгач.
— Ишончли одамлар маълумот берган.
— Унда бовурларингдан умидингни уз. Улар йўлда нобуд бўлиб кетишган. Молига қўшиб жонини ҳам олишган.

Жаҳонгир қозоқнинг шу хулосаси билан яна қишлоқма-қишлоқ юриб Ростовга қайтди-да, поездга ўтириб Брянск томон йўл олди.

Кичик опасидан хабар топишда унча қийналмади. Чўл азоблари бу ерда йўқ эди. Уч кун деганда опасининг дараги чиқди. Ўрмон этагида жойлашган ёғоч уйларнинг бирида йигирма беш-ўттиз ёшлардаги ўзбек жувонни кўриб худди опасини учратгандай қувонди. Бироқ, бу хурсандчилиги булут чокини сўкиб бир юз кўрсатган қуёш каби омонат эди.
— Ўтган баҳорда кулфат тушди бошларига... кичик ўғиллари ўрмонга ўйнаб кетган экан. Опангиз, қизлари, поччангиз излаб кириб қайтиб чиқишмади. Бу ерликлар ботқоқ ютган, дейишяпти... Катта ўғиллари раисникига кетган экан... ўша воқеадан бўш-ўн кун ўтиб, менинг олдимга келдилар. «Отворишса ҳам уйимга кетаман», деб жўнадилар... — жувон бу кулфатларга ўзи айбдордай зўр-базўр гапириб, кўзига ёш олди.

Жаҳонгир йиғлаб юбормаслик учун кўзини ундан олиб қочди. Бостириб келаётган қора булутдай турган ўрмон «яқинлашган инсон зотини ямламай ютаман», деяётгандай эди.

Жаҳонгир «дунёнинг барча ситамлари, кулфатлари менинг бошимга ёғилган», деб ўйларди. Уй эгаси — паҳмоқ соқолли чол келгач, фикри ўзгарди. Кулфату ситамлар бошқаларга ҳам буюрган экан.

Чол Жаҳонгирнинг кимлигини билгач, ўзини таништирди:
— Андрей Григоревич, — деди у қўл узатиб, — одамлар Григорич дейишади, сен ҳам шундай деявер. Қариндошларингни танирдим, жойлари жаннатда бўлсин, — у шундай деб токча пардасини суриб узун бўйли шиша олди. — Ўтир, уларнинг руҳини эслайлик, — у бўзани эслатувчи қўлбола ароқни икки кружкага қуйиб, бирини Жаҳонгирга узатди. — Дарвоқе, сен ичмасанг керак, а? Майли, ўзинг биласан, — Григорич бир нима деб пичирлаб чўқинди-да, кружкадагини ичиб юбориб, кафтини димоғига тутди. — Қариндошларингнинг бахти йўқ экан. Олянинг ҳам бахти қаро экан. Бунинг эри ўтган ёзда айиққа дуч кепти. Иккита боласи билан ўтирибди энди. Қаёққа боради? Бу ердан чиқиш мумкинмас...

Жаҳонгир Оля ким экан, деб таажжубланган эди, кейинги гапдан сўнг ўзбек жувонга қаради. У лабини қимтиб, бошини эгиб ўтирарди. Ичкарида гўдак йиғиси келиб, у ирғиб ўрнидан турди.
— Оля деганингиз... — деб тусмоллади Жаҳонгир.
— Ҳа, Оля деганим шу қизим, ўзининг оти... — чол эслашга уринди. — Кизимка, отингни яна эсимдан чиқардим?

Ичкаридан «Ойниса» деган заиф, титроқ овоз келди.
— Шу уйда кампирим билан тураман. Қаришдошларинг дарахт кесиб, ярим ертўла қуриб олишган эди. Олянинг эри ҳам бошпана қурувди. У айиққа ем бўлганидан кейин Оляни уйимизга олдик. Бизга ҳам овунчоқ, ҳам хизматимизни қилади. Буларни бойлар деб олиб келишган эди, бой қизига ўхшамайди. Меҳнатдан қочмайди, — чол иккинчи кружкадагини бу сафар чўқинмай ичиб юборди. — Бизнинг қишлоқдан ҳам учта оилани қулоқ қилишган. Иккитаси ўзимизга ўхшаган одамлар эди. Соломонич деганимиз ерга кафтини қўйиб дон экиш мумкинми-йўқми, айтиб берарди. Ҳамма билан баравар меҳнат қилиб, ҳаммадан кўп ҳосил оларди. Айби шу бўлдики, колхозга кирмади. Энди сен менга айт, пешонангдаги ёзувга қараганда кўпни кўрганга ўхшайсан: мен император аъло ҳазратлари даврини ҳам кўрдим, Керенский, Ленин даврини ҳам кўрдим, лекин барибир тушунмаяпман. Император Николай аъло ҳазратлари сиёсатчиларни сургун қиларди. Ҳозиргиларинг деҳқонларни сургун қиляпти. Сиёсатчи гап сотади, ғалва кўтаради, сургун қилса-қилаверсин. Деҳқон шўрлик уларни боқса, кийинтирса сургун қилгани нимаси?! Одамларни қийнашдан мақсадлари нима?

Жаҳонгирнинг бундай суҳбатга ҳозир хоҳиши ҳам, ҳоли ҳам йўқ эди. Боласининг йиғиси баҳона бўлиб, Ойниса кириб кетди. Жаҳонгирга ҳам бир баҳона бўлса-ю, ташқарига чиқса, ёлғиз қолса... Лекин бунинг иложи йўқ. Чол саволни бериб қўйиб, жавоб кутяпти.
— Буни ўзларидан сўраш керак, мен билмайман.

Чол табиатан эзма эдими ё бадани қизиб сергаплиги тутдими, ҳарҳолда Жаҳонгирни безор қилди. Кампири келиб чолга дашном бермаганида тонг отгунча гапириши мумкин эди.

Жаҳонгирдан «пичанхонада ётасизми?» деб сўрашганида у опаси яшаган уйни кўрсатишни сўради.

Ердан одам бўйи баробар кўтарилиб турган иккита дарчали ярим ертўла уй қишлоқ четида эди. Дарчага ҳам, эшикка ҳам тахта қоқиб ташланган экан. Григорич тахталарни суғуриб, ичкарига кирди-да, шам ёқди. Зах ертўлада шамнинг ҳам нафаси қайтгандай оловли тили жонсиз липиллади.
— Пичанхонада ётганинг маъқул, бу ернинг ҳавоси ярамайди, — деди чол. — Мен ҳам ёз бўлди, дегунча пичанхонага чиқиб оламан, қишда печ устида роҳат қиламан, юр.

Жаҳонгир қайсарлик қилмай унга эргашди.

Пичанхона дегани — ҳовли этагидаги пичан ғарами эди. Чол ғарамга қўйилган нарвондан тепага чиқиб, ўрнашиб ётиб олди. Жаҳонгир унинг ёнига чўзилди. Чол кўп гапирмай, уйқуга кетди. Жаҳонгирнинг уйқуси келмади. Осмонни қоплаб олган юлдузларга тикилиб ётди.

Осмон хастанинг кўзига хаста, бахтиёрнинг кўзига гўзал кўринади. Одам хушҳол пайтида юлдузлар жимири унга бахт ёғдираётгандай бўлади. Севишганларга кўз қисаётгандай, имлаётгандай туюлади. Ғамнок одам осмоннинг бу сеҳрини ҳис этмайди. Жаҳонгир осмонга тикилиб унинг сеҳрини илғамади. Назарида осмон унга минг-минг кўзларини тикиб ҳайрон-лол турарди. Совуқ ўлкада юлдузлар унга титраб-қақшаётгандай туюларди. Ҳозир кўзлари юлдузларда, хаёли эса кечмишда эди. Тўй... кириб келган куёвнавкарлар, ҳовли ўртасидаги гулхан, отаси билан йиғлаб хайрлашаётган опалари... Отасининг дуоси... «Илоҳим бахтли бўлинглар, ували-жували бўлинглар...» Бахтли эдилар, ували-жували эдилар... Дуонинг кучи қирқилдими, бахтсизлик дарвозалари ланг очилдими? Қамоққа олиб кетишаётгандаги опаларининг фарёдлари осмон қаъридан юлқиниб чиқиб, унинг қулоғига урилди... «Эсон-омон дийдор кўришайлик, укажон!»

Оналари бошқа эди. Аммо опалари онадай меҳрибон эдилар. Жаҳонгирни бу ерларга ана шу меҳр тортиб келганди. Одамнинг хотирасида кўпроқ сўнгги учрашув, сўнгги эшитилган сўзлар қолади. Ҳозир Жаҳонгирнинг қулоқлари остида фақат бир нола жаранглайди: «Эсон-омон дийдор кўришайлик, укажон!» Дийдор... энди қиёматга қолди...

Бир неча бўхча ортилган аравалар, поездлар... Яна аравалар... Бири чўл қўйнига қараб оқади. Бири ўрмонга... Қаёққа, қандай одамлар ҳузурига бораётганини, қайси гуноҳлари учун қувғин бўлганлари, энди бошларига не кунлар тушишини билмаган бечоралар... Бир арава талон-тарож қилинди. Куракларга пичоқлар санчилди, бўғизланди. Мурдалар қузғунлар, қашқирларга ташлаб кетилди...

Бу манзара кўз олдига келиб. Жаҳонгирнинг юрагидан бир томир узилгандай бўлди.

Ботқоқ ютаётган жиянлари, опаси, поччаси кўз олдига келганда гўё иккинчи томир узилди.

Ота-онаси, укаларидан ажралиб, бу ерлардан бош олиб кетган жияни унга йигирма иккинчи йилни, бекатдаги хароб болаларни, йиғлаган Комлевни эслатди. Шунда юрагида яна бир томир узилди.

Одам бошига шундай кулфатлар, айрилиқлар тушса, чидамай ўлиб қолса керак, деб ўйлайсиз. Кулфатлар ёнида умид турмаганида балки шундай бўларди. Ҳар кимни ҳар хил умид ушлаб қолади, узилган томирларни улайди, ўлган танага жон қайтаради. «Дунёнинг менга аталган ғам-кулфати адо бўлди, энди аламлар йироқлашди», деб ўйлайди. Жаҳонгирнинг назарида ҳам шундай эди. «Яратган бандасига бундан ортиқ жабр-жафони раво кўрмас», деб фикрларди.

Бу тун Белорусиянинг овлоқ бир қишлоғида яна бир одам уйғоқ эди. У — Ойниса. Оловиддин бой хорижга ўтиб кетаётганида марҳамат қилиб, қароли Йигиталига ҳалол меҳнати учун бир ориқ сигирни инъом қилган эди. Ойнисанинг ўшандаги барча дуоси бойга аталган эди. Қишлоқдан қувилганидан бери уни қарғайди. Бой сигир эмас, бало ташлаб кетган экан. Ўша «қорнинг ёрилгур» сигирни инъом этмаганида, унга яхши қарашмаганида, «туғмай ўлгур, туғиб бермаганида», мол-ҳоллари кўпаймаганида, Йигитали жонини жабборга бериб ишламаганида бу кўргуликлар йўқ эди.

Эркакнинг қайғуси билан аёлники бир-бирига ўхшамайди. Пичан устида ётган Жаҳонгир опалари қайғусида эзилиб, Ойниса ҳақида ҳам ўйларди. Эри айиққа ем бўлган, жасадни эмас, бурда-бурда кийимларни ерга кўмган бу аёл унга Хадичани эслатади. Ойниса эрига аза очиб, кўзи ёриди. Хадича-чи? Унинг аҳволи нечук? Кўзи ёридими? Ўғил кўрдими? Қизми? Ойниса бегона юртда, бегона уйда боласини бағрига босиб ётибди. Хадича ҳам бегона юртда, бегона уйда... Ойниса ёлғиз. Хадичаси акасининг паноҳида. Ойниса бу ерлардан қачон қайтишини билмайди, рухсат сўраб қилган арзлари рад этилди. Жаҳонгир Хадичани қачон қайтиб келишини билмайди.

Ойнисага Жаҳонгирнинг қисмати қоронғи. Опаларидан айрилган бир аламзада эканигина маълум. У Жаҳонгирнинг келишидан хурсанд — ҳар-ҳолда юртининг тирик бир парчаси. Эрта-индин у ҳам кетади. У яна ёлғиз қолади...

Тонгга яқин Жаҳонгирнинг кўзи илинган экан, боланинг жарангдор овози қулоғига чалиниб уйғонди, аммо дарров кўзини очмади.
— Ая, дадам келдиларми?
— Йўқ, болам, даданг эмаслар, ўртоғинг Нуруллонинг тоғалари.

Жаҳонгир тушларига кирадиган дўмбоқ болачанинг, Хадичанинг овозини эшитгандай юраги энтикди. Кўзини очди. Қаддини кўтариб, пастга қаради. Ойниса беш яшар боласининг қаддини букиб, юзини ювар эди. Жаҳонгирнинг нигоҳини сезиб, Ойниса ҳам юқорига қараб олди.

Нонуштадан сўнг Жаҳонгир опасининг уйига қараб кетди. Буюмларга биров қўл ҳам урмаганга ўхшайди. Кийимлар ҳам тахланганича турибди. Опасининг камзули, поччасининг тўни... Паранжи ҳам... Опаси шу ерга ҳам кўтариб келибди-да, паранжисини... Камзулдан опасининг, жиянларининг ҳиди келади. Жиянларини суйиб эркалагандай камзулни силади. Кенжа жиянини кўрмаган эди. У шу камзулга юзини қўйиб эркаланган... Жаҳонгир камзулни силаётиб сесканиб кетди: камзул қатида қаттиқ нарсалар бор эди. Пайпаслаб кўрди — тангаларга ўхшайди. «Раҳматли отаси ўз улушидан қизларига ҳам берган экан-да...» Жаҳонгир ўғрилик устида қўлга тушгандай, назарида бу уйга атайин шуни излаб киргандай уялди. Опаси дарчадан «шуни деб келган экансан-да», деб қарагандай бўлди.

Эшик олдида шарпа сезилиб, Жаҳонгир чўчиб қаради.
— Нарсалари бус-бутун, ўзим йиғиштириб қўйганман, — деди Ойниса айбдор оҳангда.

«Билганмикин? — деб ўйлади Жаҳонгир, кейин дарҳол ўзига-ўзи жавоб берди, — билган...»
— Қора кунларга ярар деб олволган эканлар, ўзларига буюрмабди, — деди Жаҳонгир камзулга имо қилиб. — Буларни... сиз олинг.
— Йўқ олмайман. Ўзларига буюрмаган, менга буюрармиди. Ҳазар қиляпти деб ўйламанг, бировнинг ҳақидан қўрқаман.

Ойниса шундай деб изига қайтди. Бироз туриб, Жаҳонгир ҳам уйдан чиқди. Чол пичан ғарами олдида чалғи чархлар эди.
— Джаханир, — деди у, — отингни айтиш қийин экан, осонгина Женя десам хафа бўлмайсанми? Женя, қачон қайтмоқчисан?

Жаҳонгир бу ерларнинг одатини, меҳмонга шундай савол берилиши мумкинлигини билмас эди. Бу саволни эшитиб, «ҳозир кетишим керакми?» деб ўйлаб, елка қисди.
— Уч-тўрт кун тур, — деди чол, — қариндошларингнинг руҳи шод бўлади. Шу баҳонада менга қарашиб юборасан. Тўнғичим германлар билан урушда ном-нишонсиз кетди, кичигини оқларми, қизилларми, билмайман, чопиб ташлашган. Шундан бери ёлғизман, суянадиган тоғим йўқ. Хўп, десанг юр, чалғи тортишни билсанг, ўт ўришворасан.

Чол шундай деб чархлаб турган чалғини Жаҳонгирга узатди. Ўзи пичанга санчиб қўйилганини олди-да, ўрмон томон юрди. Ўрмон оралаб кўп юришмай, Григорич тўхтади.
— Қариндошларинг шу ерда, — деди у ботқоқликка имо қилиб.

Жаҳонгир ботқоқликни энди кўриши эди: сассиқ кўлмакка ўхшаган жой, айрим ерлари қуюқ аталага ўхшайди, айрим ерларини пўпанак босган.
— Бу ботқоқ кўп одамларни ютган. Қабристон десанг ҳам бўлади. Хоҳласанг ибодат қилиб ол.

Григорич «халал бермай», деб нари кетди. Жаҳонгир тиз чўкиб, тиловат қилди. Юзига фотиҳа тортаётган паллада ботқоқ биқирлаб қайнади. Унинг назарида опаси, жиянлари қайтиб чиқаётгандай туюлиб, қўрққанидан юраги орқасига тортиб кетди. Анчагача бақрайиб ўтирди. Чол унинг қўрққанини сездими ё кутиш жонига тегдими, томоқ қириб:
— Женя, бўлди, кетдик, — деди.

Улар ўрмон оралаб юриб, ялангликка чиқишди. Тизза бўйи келадиган ўт гулларга беланиб, эпкинда чайқалиб ётибди.

Жаҳонгир йигирма иккинчи йилдан бери қўлига чалғи олмаган эди. Бу қўллар ўн бир йил чўкич уришга кўникиб қолган экан, чалғи дастлаб унга бўйсинмади. Бирон соатлардан сўнг иши юришиб кетди.

Ялангликдаги ўтнинг ярмини ўриб, оқшомда уйга қайтдилар. Ёғоч уй зинасида ўтирган бола уларни кўргач, югурайми, борайми-бормайми, деб иккиланиб туриб қолди. Эрталаб бегонасираганини унутиб, бир-икки қадам қўйди. Шунда чол чалғини пичанга санчди-да, болага қучоқ очди.
— Сашенка, нимага қараб турибсан, қани, чоп!

Бола югуриб, келиб, Григорични қучоқлаб олди. Жаҳонгир унинг бошини силаб, эркалаб қўйди. У қудуқдан челакда сув тортиб ювинмоқчи эди, бола яқинлашди.
— Сув қуйиб берайми? — деди бурро қилиб. Кейин рухсат кутмай, ёғоч чўмичда сув олди. — Сиз Нурини тоғасимисиз? — деди Жаҳонгирга тик боқиб.
— Ҳа, — деди Жаҳонгир.
— Нури энди ўрмонда туради. Аяси ҳам, адаси ҳам ўша ерда. Мен уни соғиндим. Ўйнагани келмаяпти.

Жаҳонгир болага нима деб жавоб беришни билмай «Отинг нима?» деб сўради.
— Самариддин, эрталаб айтувдим-ку? — деди бола ажабланиб.

Дарвоқе... эрталаб сўраган эди-я...
— Сиз Нуриларни олиб кетасизми? — деб сўради бола.
— Ҳа, — деди Жаҳонгир ноилож.
— Дадам ўрмондан келсалар бизни ҳам олиб кетадилар. Дадам чиққунларича пойласангиз, бирга кетардик.
— Хўп, кутаман.

Бола буни эшитиб, чўмични челакка ташладию бу хушхабарни онасига етказиш учун уйга югурди.

Кечки овқатдан кейин Самариддин Жаҳонгирга яқинлашиб, пешонасига бармоқчаларини теккизди-да:
— Бу нима? — деди.
— Самархон, унақа дема, қоч.

Жаҳонгир қўяверинг, дегандай Ойнисага жилмайиб қаради. Кейин:
— Бу шайтоннинг изи, — деди-да, болани тиззасига ўтқазди.
— Қанақа шайтон? — деди бола.
— Музларнинг ичида яшайди, — деди Жаҳонгир.
— Оппоқ бўладими?
— Ҳа.
— Унда нимага изи кўк?
— Оёғи сиёҳга тушиб кетган экан.
— Сиёҳ қанақа?

Боланинг сўроқлари поёнсиз эканини сезган Жаҳонгир:
— Бурнинг нимага пучуқ? — деб сўради.
— Пучуқ қанақа бўлади? — деб сўради бола бўш келмай.

Жаҳонгир кулиб юборди.
— Нима деяпти? — деди Григорич қизиқиб. Жаҳонгир боланинг гапларини таржима қилиб бергач, чол ҳам мириқиб кулди.
— Сиз қаерда ётасиз? — деб сўради Самараддин Жаҳонгирдан.
— Пичан устида.
— Ая, менам тоғам билан ётаман.
— Йўқ, Самархон, йиқилиб тушасан.
— Дедул, аямга скажи, — деди бола чолдан паноҳ излаб.
— Оля, рухсат бер, эркаклар очиқ ҳавода ётиши керак, — деди чол.

Самараддин хурсандликдан ирғишлаб, ғарам устига биринчи бўлиб чиқиб олди. У бироз осмонга қараб ётди-да, кўзи уйқуга илиниши олдидан Жаҳонгирнинг бўйнидан қучоқлаб олди. У дадаси билан шундай ётарди. Жаҳонгир буни фаҳмлади. Тушларида кўрадиган дўмбоқча ўнгида пайдо бўлиб қучоқлагандай туюлиб, юраги энтиқди. Боланинг илиқ нафаси кўкрагига урилиб, баданига жон қайтиб киргандай бўлди. Юзини боланинг юзига қўйди.

Эрталаб уйғонган чол ота-боладай ачомлашиб ётган Жаҳонгир билан Самариддинни кўриб кўзига ёш олди. Ўз набирасидай бўлиб қолган бу болани ҳар қучоқлаб эркалаганида, бола ҳар сафар бўйнига осилганида кўзига худди шундай ёш келарди. Уни болалик бахтидан айирганларни лаънатларди. Баъзан замонни ҳам қарғагиси келарди, аммо бунга тили бормас эди. Ҳарҳолда шу замонда яшаяпти, бундан баттар кунларни кўрганда ҳам қарғамаган чол замонни энди лаънатлашни шаккоклик, деб биларди.

Жаҳонгир уйғониб, кўзини очди. Чол мунгли боқишини яшириб, жилмайиб қўйди. Жаҳонгир болани уйғотиб юбормаслик учун қимирламай қўяқолди. Чол тушиб кетганидан кейин ҳам ўрнидан жилмади.
— Дедул, Самархон уйғонмадими?
— Ўғлинг дадаси билн ётгандай маза қилиб ухлаяпти...

Жаҳонгир бу гапни эшитиб, Ойнисанинг не ҳолга тушганини ҳис қилди: юраги пораланиб кетгандир?..

Самариддин нонуштадан кейин уларга эргашди. Ўрмондан қўрқиб қолган Ойниса унинг боришига рухсат этмади. Бунинг азобини ўзи тортди — ўғли кун бўйи этагига ёпишгандай ғингшиб юраверди. Ошхонга кирса, ошхонага киради, уйга кирса, уйга... Ойнисанинг юраги қон бўлиб, уни силтаб ташлаб, қарғаб юборишига бир баҳя қолди. Қарғашдан ўзини тутди, бироқ, йиғисини тия олмади. Юм-юм йиғлади. Қишлоғини эслаб оҳ тортди, эрини ёдлаб фарёд урди, етим қолган боласини ўйлаб нола қилди. Самариддин онасини бу аҳволда кўп кўрган, бу йиғиларнинг сабабини билмас, бироқ митти юраги ачишиб, ўзини қўйгани жой тополмай қоларди.

Оқшомда эркаклар қайтишганда Самариддин тўғри бориб ўзини Жаҳонгирнинг қучоғига отди.
— Ҳа, сотқин, мендан кечдингми? — деди чол унга ёлғон пўписа қилиб. Кейин юзидан авайлабгина чимчилаб қўйди. — Юрак сезгир бўлади. Юракни алдаш мумкинмас... — Григорич шундай деб нари кетгач, Самариддин Жаҳонгирнинг қулоғига шивирлади:
— Аям йиғладилар.
— Хафа қилгандирсан-да? — деди Жаҳонгир қовоқ уюб.
— Йў-ўқ, дадамни соғинганлар.
— Сен-чи?
— Менам соғиндим. Яна соғинсам йиғлайман.
— Йиғлама, ўғил бола йиғламайди.

Кун бўйи онасининг изидан қолмаган Самариддин энди Жаҳонгирга боғланди-қолди. Ойниса бир-икки чақирса ҳам ўзини эшитмаганга солди. Шунда Ойниса нажот кутиб Григоричга қаради:
— Бунақа ўрганиб қолса, кейин нима қиламан?

Чол «менам шуни ўйлаяпман», дегандай соқолини силаб ўтирди.
— Балки кетмас... Менга ичини очгани йўқ, лекин назаримда, қаерда яшаш унинг учун барибирга ўхшайди. Қишлоғига қайтса, сургун қилиниши тайин. Шу ерда қолавергани дурустмасми? Сен, Оленка, у билан бир гаплашиб кўр.

Бу гапни эшитиб, Ойниса бир сесканиб тушди.
— Йўқ, йўқ, — деди у шошиб. — Кетганлари маъқул. Эркак одам ўзини хор қилиб қўймайди.
— Э, кизимка, кизимка, одамлар бахтнинг орқасидан қувиб юришади. Сен эса, оғзингни очиб ўтирибсан.

Ойниса чолга жавоб қайтармади. «Бахт фақат шу эркакнинг қолиш ё қолмаслигида эмас, икки бебахтнинг бир-бирига суяниши билан олам гулистон бўлиб қолмайди. Мен беваман. Унинг боши очиққа ўхшайди. Пешонамдаги бу кулфатлар озми менга, яна бир гуноҳга рўпара бўлсам, нима қиламан? Ўғлим ота меҳридан бебаҳра ўсса-ўссин, мен отасининг арвоҳини чирқиратмасам бас», дегани билан чол тушунармиди?

Боланинг тобора боғланиб бораётганини Жаҳонгир ҳис қиларди, ўзи кетгач, унинг ичикиб қолишини ҳам биларди. Шу сабабли даладан қайтиши билан опасининг уйига кириб кетарди. Бола қучоқлаб олганида ҳам меъёрдан ортиқ эркалашдан ўзини тиярди. Орадан бир ҳафта ўтгач, Жаҳонгир йўлга отланди. Унинг бир кўнгли шу ерда қолиш эди. Опаси, жиянлри, поччасининг уйи, изларини ташлаб кетгиси йўқ эди. Аммо бир кўнгли ота юртида: балки акаси, хотини қайтишгандир, балки катта жияни дарбадарликда юра-юра қишлоғига етгандир?

Қайтадиган куни Жаҳонгир опасининг нимчасини Ойнисага узатди. Аммо у олишдан бош тортди.
— Сизда омонат турсин, балки жияним шу ерга қайтар. Балки ўзим хабар олгани келарман, — деди Жаҳонгир. Ойниса бироз мулоҳаза қилиб тургач, нимчани олди. Жаҳонгир шаҳарга қайтгач, мударрис — Низом қоровулнинг ҳолидан хабар олиб, қишлоғига шошилди. Назарида жияни қишлоққа қайтиб, Сотти — Сотволдининг қаҳрига дуч келадигандай эди.

Қирқбелга оқшом оралаганда етиб келди. Тўғри Даминникига бориб, жиянини суриштирди. Кейин бошидан ўтганларни сўзлаб берди. Тунни шу ерда ўтказиб, саҳарда қабристонга борди.

Атроф сокин. Борлиқ қуёшнинг кўтарилишини кутиб, титраб турарди. Жаҳонгир тиловат қилиб бўлгач, кўрган-кечирганларини хаёлан сўзлаб берди. Назарида унинг аламли ҳикоясини барча марҳумлар жим тинглашарди.

«Заб вақтида ўлган эканмизми, а?» дерди бири.

«Вақтида ўлиш ҳам Оллоҳнинг карами», дейди бошқаси.

«Шу кулфатларни бизнинг бошимизга солмагани учун шукр», дейди учинчиси.

«Фарзандларимизнинг ғамини кўрсатмаганинг учун шукр, дейди тўртинчиси. — Лекин жигаргўшаларимизни биздан кейин кулфатларга дучор қил, демаган эдик-ку?..»

«Боламнинг бошига офат ёғдиргунча, мени дўзахда куйдирсанг бўлмасмиди?!»

Жаҳонгир таниди бу нидони, у — онасининг овози.

«Камбағалга мурувват қил, дединг, мурувват қилдим. Ҳасад қилма, дединг, ҳасад қилмадим. Умр бўйи чизган чизиғингдан чиқмадим. Фақатгина сенга муҳаббат қўйдим ва шу муҳаббатим билан қабрга тушдим, билохир васлингга етмоқни ният қилдим. Умрим бино бўлиб мен сендан бирон нима таъма қилмаганман. Ёлғиз бир ўтинчим — болаларимнинг инсофини ва иймонини бер, азобларга гирифтор қилма, деб эртаю кеч ёлбордим. Илтижоларимни не учун қабул этмадинг. Гуноҳ мендами ё болаларимдами?» Бу — отасининг овози.

«Дадажон, нолангизни эшитяпман. Менга ҳам бир гап айтинг».

«Опаларингни ёлғиз ташлаб келдингми, ўғлим?»

«Иложим қанча эди?»

Жавоб ўрнига хўрсиниш эшитилди. Сўнг... борлиқ титроқдан қолиб, уйғона бошлади. Узум донасининг қоқ ўртасида, шарбат ичида уруғлар жойлашгани каби Жаҳонгир юрагининг қоқ марказида зардоб тўпланган эди. Узум донасидан уруғни чиқариш осон, лекин юракдан зардобни қандай ситиб чиқариш мумкин?

Жаҳонгир юракдаги шу зардоб билан шаҳарга қайтди. Таниш заргар бу сафар ҳам ҳожатини чиқаргач, мударрис — Низом қоровул ҳужрасида бир кеча тунаб, яна поездга ўтирди.

Унинг Брянскка йўл олишига қабристондаги ғойибона суҳбат сабаб десак, муболаға бўлади. Жаҳонгир Ойнисага нимчани бериб, ҳовлида Самариддинни даст кўтариб ўпиб, ерга қўйганида ниманидир йўқотгандай туюлди. Қишлоқдан узоқлашгани сайин юраги орзиқаверди. Жигарларини ташлаб кетаётгани учун шундайми ё тушидаги дўмбоқчани ўнгида топганигами — ўзи аниқ билмас эди. Қишлоғига сиғмаган одамни дарбадарлик кутарди. Қайдан қўним топиш — дарбадар учун фарқсиз. Шаҳарда мударрис билан ҳамсуҳбат бўлиб қанча яшаши мумкин? Соттига ўхшаганлар дуч келса, бошини қай деворга уради?

Жаҳонгир поездда кета туриб шуларни ўйларди. «Дадам раҳматли «Бу ерда ҳам бир бурда нонга қорнинг тўяди хорижда икки коса еёлмайсан», девдилар. Бир коса овқатни қишлоқда хотиржам ейиш насиб этмади-ку? Акам қочиб тўғри қилдиларми? Қочмаганларида барибир қувғин бўларканлар-ку?» Шу онгача Жаҳонгир акасини хорижга ўтгани учун фақат лаънатларди. Ўзи қишлоғидан узоқлашгани сайин акасига нисбатан аланга олган ғазаб гулханининг авжи бироз пасайди «Қочиш бошқа, бу — хоинлик, мажбур бўлиш — бошқа», деган фикр бу гулханнинг бутунлай ўчишига йўл бермас эди.

Поезд олға интилгани сайин ҳавонинг тафти қирқилиб бораверди. Жаҳонгир бу сафар манзилга етишда анча қийналди. Кунда, кун ора ёғадиган ёмғир йўлларнинг аталасини чиқариб юборган, саф тортганча нима қилишини билмай турган адл дарахтлар орасида пистирмада ётган изғиринли шамол қўққис ҳужум қилиб юпун кийинган Жаҳонгирнинг баданига игна бўлиб санчиларди.

Жаҳонгирни биринчи бўлиб Самариддин кўрди. Онасининг рўмолига ўралиб зинапояда турган бола, афтидан, уни ҳар куни кутар эди. Ишончлари, умидлари алданмаган боланинг қувончларини бир кўрсангиз эди! Самариддин Жаҳонгирнинг бўйнидан маҳкам қучиб олди. Жаҳонгир «Хайрият, мени ҳам интиқ кутадиган, қаршилайдиган тирик жон бор экан», деб Яратганга шукрлар қилди.

Далада иш қолмаган, деҳқонларга иссиқ уйда ётишдан бўлак юмуш йўқ эди. Григорич «шу ерда қишлайдиган бўлсанг ўтин тайёрла», дегач, ўрмонга бориб ўтин кесди. Бир куни чол барвақт чиқиб кетиб, кун пешиндан оққанда қайтди. Кампири узатган чойни ликопчага қуйиб хўриллатиб ичди.
— Учрашдингми? — деб сўради кампир бетоқат бўлиб.
— Учрашдим, — деди чол.
— Нима деди?
— Нима дерди, Григорич нима деса, шу бўлади-да, — чол бу гапни мағрур бир оҳангда айтди. Чойини ичиб бўлгач, Жаҳонгирга қаради: — Женя, мен раис билан гаплашдим. Сен Григорич оиласининг аъзоси сифатида колхозда ишлайсан. Чўчқа боқиш қўлингдан келадими?
— Григорич, қўлимдан келмайди. Мени бунақа ишга рўпара қилманг.
— Бошқа иш йўқ колхозда. Молга қарайдиган одам тайин. Чўчқабоқарга ёрдамчи керак. Биламан, чўчқани ҳаром дейсан. Лекин сен чўчқа гўштини емайсан-ку, овқат берасан, тагини тозалайсан, вассалом! Ишлаб турмасанг бўлмайди.

Жаҳонгир чиндан ҳам ноилож эди. У пастак бостирмада, сассиғи бир чақирим нарига етиб борадиган чўчқахонада ишлашга мажбур бўлди. Бир ҳафта мобайнида раис икки марта келиб, чўчқабоқар билан гаплашиб кетди. Афтидан, номаълум одамга чўчқаларни топширишга топшириб қўйиб, кўнгли тинчимаётган эди.

Жаҳонгир бир куни ишга отланаётганида эшик қаттиқ тақиллди. Эшикни очмоқчи бўлиб югурган Самариддин ярим йўлда тўхтади. Хонага узун шинел кийиб, ёнига тўппонча таққан малла одам кириб келди. Уни кўриб Ойнисанинг эсхонаси чиқиб кетди. Кенжасини бағрига маҳкам босиб олди.
— Муҳаммадризаев ким? — деди милитсионер қўполлик билан.
— Мен, — деди Жаҳонгир.
— Ҳужжатларингизни кўрсатинг!

Милитсионер хона ўртасида тик турганича ҳужжатларни кўздан кечирди.
— Ишлаяпсанми?
— Ишлаяпман.
— Яхши, ишлайвер. Бу ердан бизнинг рухсатимизсиз бир қадам ҳам жилмайсан.
— Мен бу ерга ўз хоҳишим билан келдим. Мен қулоқ қилинмаганман.
— Мен битта гапни икки марта қайтармайман. Григорич, меҳмонингга кўз-қулоқ бўлиб тур. Сен ҳам жавобгарсан.
— Ҳеч қаёққа кетмайди, хотиржам бўл, — деди чол, — мабодо томоғингни ҳўллаб олмайсанми?
— Қуй, Григорич, совуқнинг заҳрини олади.

У бир кружка қўлбола ароқни ичиб олиб, индамай чиқиб кетди.

Кунлар ўтаверди. Қиш бу қишлоқда ҳам ҳукмини ўтказа бошлади. Раиснинг текшируви камайди, милитсионернинг эса дам-бадам кириб ҳужжат текшириш баҳонасида Григорич қуйиб берган ароққа нафсини қондириб кетиши одат тусига кирди. Самариддин Жаҳонгирнинг ишдан қайтишини кутади. Жаҳонгир овқатланиб олгач, иккови ташқарига чиқади. Самариддин чол ясаб берган қўпол чанага ўтиради. Жаҳонгир отга ўхшаб пишқириб уни учиради. У ҳар пишқирганида, кишнаганида бола қийқириб кулади. Ойниса уларнинг ўйинига деразадан боқиб туради. Жаҳонгир унинг нигоҳини туяди, шу сабабли уй томонга қарамайди. Сўнг Жаҳонгир опасининг ярим ертўласига киради, бошқа вақт шу ертўлада умр ўтказади. Самараддин унга овунчоқ, баъзан ишлаётганида ҳам болани қўмсаб қолади.

Бир куни чол ўрмондан бўй баробар арча кесиб келиб уй ўртасига ўрнатди.
— Бизнинг байрамимиз, — деб тушунтирди у Жаҳонгирга, — пайғамбаримиз туғилган кун.

Жаҳонгир бу байрамни биларди. Ўша музликлар орасида насронийлар гапиришарди. Маъмурият эса байрам қилишга йўл бермасди.

Чол билан кампир дастурхон тузаб бўлгач, уй бурчагидаги Исо Масиҳ сурати олдида тиз чўкиб, узоқ ибодат қилишди. Сўнг чол-кампир бир неча қултумдан ичишиб, ўпишишди.

Овқат маҳали чол-кампир бир-бири билан кўз уриштириб олишди. Жаҳонгир буни сезди. Аммо уларнинг мақсадини англамади. Бир маҳал чолнинг ўзи ёрилди:
— Женя, бир таклифимиз бор. Саша сенга жуда ўрганиб қолди. Ҳатто отасини ҳам унутганга ўхшайди. Мен билан иши йўқ, сенинг қайтишингни пойлайди. Бирга бўлиб қўя қолганларинг дурустмиди?

Бу гапни эшитиб Ойниса туриб кетди. «Вой шўрим», деб нариги хонага қараб юрди.
— Оля, ўтир, — деди чол буйруқ оҳангида.

Ойниса қайтиб, омонатгина ўтириб, бошини эгиб олди.
— Женя, сен эркаксан, гапир.

Жаҳонгир охир-оқибат шунай гап чиқишини биларди. Хушрўйгина, чаққонгина бу жувон ҳар қандай эрнинг қоронғи юрагига чироқ ёқиши мумкин эди. Жаҳонгир баъзан бу ҳақда ҳам ўйларди. Аммо уни бир ўй ушлаб турарди: у бошига яна не кунлар тушишини билмас эди. Бу жамиятнинг қора рўйхатига тушиб қолган одамни ароқ ичгани кирувчи милитсионер истаган пайтида қўлига кишан уриб олиб кетиши мумкин эди. Бунинг учун ортиқча айтилган бир сўз ё йўқолган биттагина чўчқа боласи кифоя. Жаҳонгир буларни сезиб, ўзини ҳамиша қилкўприк устидаги омонат одамдай ҳис қиларди. Бугун шу жувонга бахт бераман, деб уни аждаҳо комига итариб юборишни истамас эди. Жаҳонгир ҳозир бу гапларни чол-кампирга, энг муҳими Ойнисага айтиб тушунтира олмас эди. Шу сабабли ўйлаб қўйган бошқа фикрини ўртага солди:
— Григорич, Ойнисани дастлаб кўрганимда синглим бўлади, деб ўйлаганман. Сиз айтгандай иш юритишимиз мумкин эмас, мени гуноҳга қўйманг. Ойниса менга сингил, болалари жиян. Самархон мени тоға дейди, шундай деяверсин. Ойниса кўнсалар... мен ака бўлай... — Жаҳонгир шундай деб дстурхондаги бир бўлак нонни иккига бўлиб, бир бўлагини Ойнисага узатди. Ойниса унга қарамаган ҳолда нонни олиб, бир учини синдириб оғзига солди. Қолган бўлагини боласига узатди.
— Нон емайман, — деди Самариддин ўжарлик билан.
— Емасанг тоғанг хафа бўладилар, — деди Ойниса.

Бола «шундайми?» дегандай Жаҳонгирга қаради. Жаҳонгир жилмайиб қўйиб, ўзининг улушини олгач, Самариддин ҳам нонни оғзига солиб, апил-тапил чайнай кетди.
— Бу ишинг ҳам маъқул, — деди чол. Кампир эса «аттанг», дегандай бош чайқаб қўйди.

Улар шу зайлда ака-сингил тутинишгани билан ўзаро кам гаплашишарди. Айниқса, ёлғиз қолишдан қўрқишарди. Қасам ичишган бўлса-да, ҳарҳолда орада шайтон бор...

Бу ўлкаларга бир умр ҳокимман, деб қалингина қор ташлаган қиш баҳорнинг тафтига дош беролмай чекинди. Шунчаки чекинмади, балки ҳали яна қайтаман, кунингни кўрсатаман, деган дағдаға бўронлари билан кетди. Чиндан ҳам орадан ойлар ўтиб қайтди. Тўс-тўполон билан эмас, айёрлик ишлатиб кириб келди: тунда ҳамма ёқни оппоқ қор билан эгаллаб олди...

Жаҳонгир ўрмон этагида шу зайлда яна учта қишни кўрди.

Икки учрашув

Юсуфхонадан йўлга чиққан Сафарқул Хадича билан кўришганида нималар дер экан? Ҳақиқатни билган Йўлчивой қай аҳволга тушади? Комлевнинг Жаҳонгир билан учрашуви қай ҳолда кечади? Энди сўз шу ҳақда.

Дарвозани очган Йўлчивой Санжар Солиҳовнинг ёнида Сафарқулни кўриб, ранги қув ўчди. Меҳмонларга «келинглар», дейишга ҳам тили айланмади.
— Сафарқул ака янги уйларингни билмас эканлар, бошлаб келдим, — деди Солиҳов ундаги ўзгаришни сезмагандай.

Сафарқул остона ҳатлаб йўлакка ўтди-да, ҳануз нест бўлиб турган Йўлчивойни бағрига босди. «Бандалик экан, иним, дадангизни бериб қўйибсиз», дегандан кейингина Йўлчивой эсини йиғиштириб олиб, «Оллоҳнинг иродаси», дейишга куч топди.

Солиҳов ичкари кирмади. Йўлчивойнинг савол назарига сирли жилмайиб: «Эртага соат ўн бирда онангиз билан бирга боринг, кутаман», деди.

Маёр Солиҳов бугунги учрашувдан мамнун эди. У марҳумнинг уйида нима гаплар бўлишини тахминан биларди. Эртаги учрашувда кўп тугунлар ечилишига амин эди.

Идорада эса уни капитан Рамзиддин Рамазонов кутарди. Комлевнинг эрта-индин ташриф буюришини билиб, Солиҳов иягини силаб ўйланди.
— Уларни қаерда учраштирамиз, турманинг шифохонасидами?
— Яна қаерда учрашишлари мумкин? — деди капитан Солиҳовнинг мақсадини англамай.
— Мен Муҳаммадризаевни ҳибсдан озод қилмоқчиман, — деди маёр, — қотилликка унинг дахли йўқ, бу — бир, марҳум унинг акаси экани аниқланди, бу — икки, қотилни ё Муҳаммадризаев билади, ё марҳумнинг оиласи. Муҳаммадризаевни ҳибсда тутиб туришимиз самара бермайди, бу — уч. Қотилнинг изига тушиш учун Муҳаммадризаевни озод қўйишимиз шарт. Агар у қотилни билса, албатта учрашади.
— Қотил учрашишни истамаса-чи?
— Муҳаммадризаевнинг атрофидаги одамлар билан қизиқиб кўрамиз. Гумонингиз тўғри чиқса, учрашишдан бўйин товлаганлар орасидан қидириш керак бўлади.
— Комлевнинг бу ишимизда кўмаги тегишига ишонасизми? — деб сўради капитан. — Муҳаммадризаев қамоқда ҳам, ундан кейин ҳам акаси ҳақида гапирмаган экан.
— Гапирган бўлса ҳам Комлев унутгандир?
— Йўқ, чолнинг хотираси ўткирга ўхшайди.
— У ҳолда... акаси ҳақида гапирмагани ғалати эмасми? Нима учун гапирмаган? Ҳатто «акам чет элга ўтиб кетган» демаганми, а? Менимча, бунда бир сир бор. У сирни Дайдидарада ечиши лозим бўлган.
— Оиласига оид сир, деб ўйласизми?
— Йўқ Муҳаммадризаев хотини, ўғли тақдирини билмаган. Юзма-юз учрашувда Йўлчивой Сиддиқов фарзандларидан бирининг исмини «Жаҳонгир» леганидан кейин у ҳушидан кетди. Йўлчивой акасининг эмас, ўзининг пуштикамари эканини юракдан ҳис қилиб юрган. «Бир ўғлимнинг исми Жаҳонгир», дейилгач, гумон ҳақиқатга айланиб, бу янгиликни юраги кўтара олмаган. Оиласи тақдирини олдиндан билганида Дайдидара воқеаси юз бермаслиги мумкин эди.
— Акаси қишлоққа ўт қўйиб, хотинини олиб қочган бўлса-чи?
— Менда ҳам шундай гумон бор, — деди Солиҳов. — «Алқасосу минал Ҳақ» бекорга ёзилмаган пешонасига. Лекин у бор ҳақиқатни айтмайди. Акаси малъунларнинг малъуни бўлган тақдирда ҳам, марҳумни энди ёмон, демас. Балки Комлев билан учрашса, хотиралари инсофга келтириб, кўнглини юмшатар, кейин дардини айтар?

Рамазонов бу гапни эшитиб, мийиғида кулди.
— Бу бечоранинг ҳаётида эслаб, кўнглини юмшатадиган воқеа бўлганмикин?
— Бўлмаган, деб ўйлайсизми? Ҳар қандай фожиали дамда ҳам одамнинг кўнглида чироқ ўрнида ёқилувчи яхши бир гап, воқеа мавжуд бўлади. Сиз урушда юриб, фақат оҳ-воҳни, нолаларни тинглаганмисиз? Одам кулгисини эшитмаганмисиз?

Капитан Рамазонов «Одамларнинг феъли ҳар хил бўлади», деб елка қисиб қўйди.

Дайдирадаги қотиллик сабабларини ўрганаётган бу икки одам сирлар тугуни устида бош қотиришаётганда марҳум Сиддиқ Шарипов — Оламгирнинг хонадонида кўнгилларни пораловчи воқеа содир бўлган эди.

Сафарқул уйга кириб фотиҳа ўқигач, Хадича остонага келиб, юзини рўмоли билан ярим ёпган ҳолда сўрашди. Сафарқул «Оллоҳнинг иродаси» ҳақида гапириб, таъзия биллдирди.

Йўлчивой «Бу милиса билан қайдан танишдингиз?» дегиси келарди-ю, мезбонлик бурчи меҳмонни бу тарзда сўроққа тутишдан тўхтатиб турарди. Сафарқул шундай савол берилишини йўлга отлангандаёқ билганди. Шу сабабли Йўлчивойнинг қарашидаги савол аломатини дарров сезди.
— Йўлчивой, иним, — деди у таъзияга оид гап-сўзларга якун ясагач, — бу одам билан бирга келганимдан ранжиманг. Уйларингизни билмас эдим. Бу одам мени излаб Юсуфхонага борибдилар, ёзлоққа ҳам чиқдилар. Бир кеча ўтовимда тунадилар. Сизларни суриштирдилар. Ёлғонга ўрганмаганман, ростини айтдим.
— Нимани айтдингиз? — деди Йўлчивой дағалроқ оҳангда.
— Раҳматли Оламгир аканинг Қирқбелдан эканликларини, бошларига тушган кулфатларни, кейин... ака-ука тутиниб юртга қайтганларини... Ҳимматларини ҳам айтдим. Укаларининг хотинларини паноҳларига олганларини ҳам...
— Нима? — Бу гапни эшитиб, Йўлчивой ўрнидан туриб кетаёзди.
— Билмасмидингиз? — Сафарқул айб устида қўлга тушган ўғридек бўйнини қисди. Бу ҳақиқатнинг Йўлчивойдан сир тутилишини у билмас эди. У Оламгирнинг Хадичани никоҳига олганидан хабардор, сўнг бу оиладан анча йил узоқлашиб уларнинг таомилию сирларидан бегона бўлиб кетганди.
— Йўлчивой!

Онасининг овозини эшитиб, Йўлчивой ўрнидан қўзғалди. Хадича остонадан чекиниб, деворга беҳол суяниб турарди.
— Йўлчивой, ўғлим, қўй, суриштирма...

Онасининг овозидаги заиф титроқ Йўлчивойнинг юрагига кўчди. У онасини ичкари уйга кузатиб, ўзи меҳмонхонага қайтди.
— Йўлчивой, иним, мен омининг гуноҳидан ўтинг. Кўнгил сўрайман, деб кўнгилларингизни вайрон қилдим. Худо шоҳид, сизларга ёмонлик истамаган эдим. Мен дадангизнинг тузини тотган эдим, рози бўлинглар, — Сафарқул шундай деб фотиҳага қўл очди. Йўлчивой унинг кетишига монелик қилмади. Кўчага қадар кузатиб чиқиб, хайрлашар чоғи меҳмоннинг юрагини зада қилмаслик учун шундай деди:
— Сафарқул ака, биз сиздан домангир эмасмиз. Болаларингизнинг роҳатини кўринг. Гуноҳларимизни Оллоҳнинг ўзи кечиради. Маҳшаргоҳда ёруғ юз билан кўришишни насиб этсин.
— Иншооллоҳ...

Сафарқул бу хонадонга кулфат туфайли яқинлашган эди, кулфат туфайли бутунлай узилди.

Йўлчивой дарвозани тамбалаб, изига қайтди-ю, ҳовли ўртасига келганда тўхтаб қолди. У ҳозир йўлини йўқотиб қўйган йўловчи кепатасига тушганди.

Хадича ўғлининг тўхтаб қолганини кўрди. Ёнига чақирмоқчи бўлди, аммо журъат қилолмади. Фарзандини бир неча соат кўрмаса юраги орзиқадиган она айни чоқда у билан юзма-юз келишдан қўрқди. У ўғлининг кўзига қарашдан, саволларига жавоб беришдан қўрқди. Унинг учун энг даҳшатлиси, мудҳиши — ҳақиқатнинг очилиши эди. Бундан неча йиллар олдин Азроил унга рўпара келиб: «Бошингга шундай кун тушади, ўша дамгача яшайверасанми ё омонатингни топширасанми», деса, «Кўз қорачиғим, ўғлимнинг бахтини кўрайин, боламнинг болаларини кўрайин», деб ният қилмай, шубҳасиз «Жонимни олақол», дерди. Ҳозир ҳам тайёр эди жон беришга. Аммо қани ўша Азроил, қани жон ўғриси?! Аста бостириб келмай, шартта кириб ола қолмайдими Оллоҳнинг омонатини! Бу муштипарни навбатдаги қийноқдан озод қилмайдими? Хонадон хожасини Дайдидарага ҳайдаб боргунча, шу жабрдийда жонни бу дунё азобларидан қутқармайдими?

Йўлчивой онасининг ўлимга рози турганидан бехабар. У ҳам шу чоқда онасига рўбарў келишни истамайди. Юраги тузоқдаги қушмисол потирлайди. Сафарқулнинг гапи дам узоқдан эшитилиб, дам қулоғи остида жаранглаб, вужудини иккига ажратиб юборгудай бўлади. Шу топгача кулфат нима, ғам нима, ночорлик нима, оч яшаш, юпун яшаш нима — билмаган йигит аввал суянадиган тоғидан ажраб, энди синоатлар чоҳига тушиб қолган эди.

Эрининг ҳовли ўртасида тўхтаб қолганини кўрган Нозима қозиқдаги тўнни олиб, шошилганча ташқарига чиқди. Йўлчивой тўн кўтариб келаётган хотинига кўзи тушиб, хаёлини жамлади. Хотинининг «Нима бўлди, дадаси?» деган саволини жавобсиз қолдириб, онаси ўтирган уйга қараб юрди.

Хадича ўғлини «жонимни қийнама, болам», деган маънони англатувчи изтиробли қараш билан қарши олди. Йўлчивой ичкари кириб, деразага орқа қилиб ўтирди. Онасига қарашга ботинмади, сўз бошлашга ҳам журъат этмади. Айни пайтда индамай ўтира олмас эди. Шу боис:
— Сафарқул ака кетдилар, — деди паст овозда, — хижолат бўлувдилар, биз сиздан домангир эмасмиз, дедим.
— Яхши айтибсан, у бечорада гуноҳ йўқ.

Она-бола бир-бирига айтадиган бошқа гапи йўқдай, жим қолишди. Она ўғлидан бир савол кутарди, назарида бу савол қиёматни бошлаб бериши лозим эди. Ўғил эса бериладиган савол онасининг қалбини поралаши мумкинлигини билиб, шу истиҳола билан ўтирарди. Узоқ сукут сақлаш жоиз эмас, Йўлчивой нимадир дейишга мажбурият сезди:
— Сафарқул ака билан анави милиса ҳам келувди, — деди у.
— Нимага келибди?
— Эртага боришимиз керак экан.
— Йўқ, жон болам, мени олиб борма ўша ерга!
— Бормасак... милиса юбориб, зўрлаб олиб кетади.
— Вой худойим, бу кўргуликларинг ҳам бормиди... Яна нимани сўрайди?
— Аслимизни, насл-насабимизни суриштиради. Дадам... бу ердан кетишларида... айб иш қилмаган эдиларми?
— Даданг фариштадек покиза, ўғлим, қилғилиқни бошқалар қилишган. Биз уйдан чиқиб кетганимиздан сўнг кимдир қишлоққа ўт қўйган.
— Ўттиз йил нарёғидаги гапларни суриштириш нима учун керак унга? — Йўлчивой шундай деб онасига қараб олди. Хадичанинг рўмоли сирғалиб елкасига тушган, оқарган сочлари паришон қолган эди.
— Фақат у эмас... сен ҳам билгинг келяпти... Зийрак зеҳнингдан бирон нимани яширишим қийин. — Хадича чуқур уф тортиб, сукутга берилди. Йўлчивой гап қўшмай унинг тилга киришини кутди. — Сен билмаганингни ўша милиса биларкан. Суриштириши бежизмас. Ўша суратдаги одам бизга бегона эмас. У киши... дадангнинг укалари...

Бу янгиликдан лол қолган Йўлчивой онасига тикилди. Хадича ўғлининг қарашига дош беролмай кўзини олиб қочди.
— У киши... қишлоқдан кетолмай қолган эдилар. «Қизиллар уриб ўлдиришди», деб бизга хабар етказишган эди.
— Ким?.. Ким айтган эди?
— Биз билан бирга кетганлар. Улар довонда келиб қўшилишувди. Дарров айтишмади. «Бормайман, изимга қайтаман», деяверганимдан кейин билдиришди. Йўлда аза очдим, қора кийдим.

Йўлчивой болалик чоғларида эшитган «сен йўлда туғилгансан, шунинг учун Йўлчивой қўйганмиз исмингни», деган гапларни эслаб, кўзлари косасидан чиқиб кетай деди.
— Мен... Мен-чи? — деди дудуқланиб.

Хадича ўғлининг бу аҳволини кўриб, қўрқиб кетди. Унга яқинлашиб, бағрига босиб олди.
— Жон болам, ўзингни бос.
— Айтинг, тўғрисини айтинг...

  

— Айтаман, жон болам, айтаман, бу сирни ўзим билан олиб кетолмайман. Қасам ич, дейишганда кўнмаганман, орада қасам йўқ, бир кунмас бир кун айтаман, деб ўйлардим. Майли, энди айтай, зора бағримдаги қоралар ювилса... — Хадича чуқур нафас олиб, узоқ йиллар асраган сирни очишга қувват тўплагандай бўлди. — Ўша суратдаги одам... отанг... Сен йўлда туғилгансан. Қашқарга борганимиздан кейин овсинимнинг қазоси етди. Боласи ҳам ўлик туғилди, ўзи ҳам узоқ яшолмади. Ўшандан кейин... Амакинг сенга ота бўлдилар...

Яқиндагина отасининг жисмини ерга қўйган Йўлчивой бу гапдан кейин унинг руҳидан ҳам ажрагандай бўлди. Ҳақиқат юз очгач, она-бола ўйлагандай, олам остин-устин бўлиб кетмади. Неча кундан бери ер юзини иситмай қўйган қуёш ўша-ўша безбетларча боқади. Баргларини тўкиб бўлган дарахтлар қорайиб, хунуги чиқиб турибди. Олам ўша-ўша, қиёмат эса она-боланинг юрагида бошланган эди.

Деразадан ёпирилиб кираётган қуёш нури токчадаги кафтдек кўзгуга урилиб, шифтга сапчиганча қотган. Хонтахта устида ичилмай совуб қолган ярим пиёла чойга тушган қуёш нури эса шифтда беором юракдек титрайди. Диққат билан қаралса, пиёладаги чойдан жон олган қуёш нури шифтга турли суратлар чизади: тоғлар ўрнини туяга бўшатади, туя бир гала бўриларга, бўрилар чиройли қасрга, қаср иблисларга...

Она-бола қуёшнинг бу ҳунаридан бехабар. Бу онда, ҳаётнинг томчидай бир қисмида, уларнинг қалблари ўттиз уч йиллик воқеалар пўртанасига банди бўлган. Бу бандиликдан қутулиш учун юраклар қаттиқ-қаттиқ тепади, кўкрак қафасини синдириб, отилиб чиқиб кетмоқчи бўлади.

Хадича фарзандини бағрига босганича кўзларини юмиб олган. У ҳеч нарсани эслагиси келмайди. Гарчи ёмон йўлга юрмаган, тўғри яшаган бўлса-да, ўтган ҳаёти кўзига жирканч кўринади.

У ўғлининг бошига юзини қўйиб, юраги ўртанади: Йўлчивойдан кап-катта йигитнинг эмас, бешикдан эндигина ечиб олинган гўдакнинг иси келди. Хадича боласини бешикдан ечиб олиб бағрига босганида, суйиб эркалаганида, тўйиб-тўйиб ўпганида димоғига шундай беғубор ҳид уриларди. Энди бу ҳид қаердан келди? Ўғли гўдаклик чоғига қайтдими? «Қўлбоғидан қутулиб, озодликка чиққан болача типирчилайди, онасининг қўлидан юлқиниб чиқиб, гўё югуриб кетмоқчи бўлади. Ие, ана, юлқиниб чиқа олди. Югуриб кетди. Оғқяланг югуряпти, ахир йўлларда тиконлар бор-ку?! Тикон ҳам майли, уфқда ер ёняпти! Боласи эса тўппа-тўғри ўтга қараб чопяпти. Ўзи-чи, ўзи нимага қараб ўтирибди? Нимага боласини асрашга ҳаракат қилмаяпти? Хадича турмоқчи бўлади — оёқлари ўзига бўйсинмайди. Уфқдаги оловнинг тафти шу ерга ҳам етиб келиб, тутуни нафасини бўғади...

Онасининг кўксига бош қўйган Йўлчивой ҳушидан айрилган одам аҳволида ўтирибди. Она юрагининг тепиши унга «тақ-дир», «тақ-дир» каби эшитиларди. Куч билан ураётган юрак зарби аввал сустлашди. Сўнг... сийраклашди... Йўлчивой сергак тортиб, бошини кўтариб онасига қаради: кўзлари юмуқ Хадичанинг юзидан ранг қочган эди.
— Ая, аяжон! — деди Йўлчивой титроқ овозда.

Хадичанинг мижжалари қимирлади, аммо кўзи очилмади. Йўлчивой онасини кўрпачага ётқизиб, ташқарига отилди:
— Аяси, аяси дейман! — деб бақирди айвонга чиқиб. Хавотирга тушиб сергак ўтирган хотини дарров эшик очди. — Аямга қаранг! — Йўлчивой шундай деб югуриб кўчага чиқди. У ҳозир ҳеч нимани ўйламас, атрофдаги одамларни ҳам кўрмас эди. У икки кўча нарида яшовчи, ҳамшаҳарлари, «хитой дўхтур» деб ном чиқарган Муродилланикига қараб югурарди. Бахтига «хитой дўхтур» уйида экан. Йўлчивойнинг узуқ-юлуқ гапларини тинглаб, «Сен уйингга қайт, оёғини иссиқ қил, мен изингдан етиб бораман», деди.

Йўлчивой қайноғи ўлган самовар сувини мешчага қуйиб, онасининг оёғига қўяётганида Муродилла хотинини бошлаб келди. Хадичанинг томир уришини эшитиб, қошиқча сўради. Ёнида олиб келган ўткир ҳидли доридан қуйиб ичирди-да, ўрнидан турди.
— Бу ёғи янгангнинг иши, сен хавотир олма, — деб ташқарига чиқди.

Муродилланинг хотини бир зумда Хадичанинг чаккаларига, бўйнига, билакларига, кўкрагига киприк қалинлигидаги тилла игналарни қадаб ташлади. Муолажа амал қилиб, Хадича ўш заҳоти кўзларини очди. Келини билан ҳамшаҳарини кўриб хижолатлигини ошкор қилиш мақсадида жилмаймоқчи эди, лаби титраб, ўзига бўйсинмади. «Ҳушимдан кетибман-да, — деб ўйлади у, — Худо мени қайтариб бердими, ишқилиб яхшиликка қайтардими экан ё қолган-қутган балоларни ҳам кўрсин, дедими?»

Хитой дўхтурнинг хотини эшикни очиб, айвонда турган эрига бош ирғаб қўйди.
— Аянг ўзига келди. Қайғу бир оз уринтириб қўйган. Янганг хабар олиб туради, хавотир олма... Ўзингнинг ишларинг қалай?
— Худога шукр, қимирлаб турибмиз.
— Милисадан хабар борми? Топишибдими?
— Йўқ.
— Биттасини ушлашган экан-ку?
— Аниқмас, дейишяпти...

Бу ҳақда гаплашишга Йўлчивойнинг хоҳиши йўқ эди. Муродилла буни сезиб, бошқа савол бермади. Игналарни олиш вақти етгач, ичкари кириб Хадичанинг билак томирини ушлаб кўрди-да, «хавотир олманглар», деб уйига қайтди. Йўлчивой уни кузатиб қўйди-ю, ичкари киришга юраги бетламади. Кирса яна ўша гап қўзғоладигандай, онаси бу сафар бутунлай кўз юмадигандай туюлди. У бироз ҳовлида ивирсиб юрди-да, кейин уйига кирди. Акалари билан ўйинчоқ талашаётган кенжасини кўтариб онасининг хонасига ўтди. Тили чиқиб, бийрон бўлиб қолган дўмбоқчасини ерга қўйиши билан у югуриб бориб, бувисининг ёнига ётиб олди-да, акаларининг ёмонлигидан арз қилди.

Кеч киргунча шу бола билан овунишди. Кечки овқат Хадичанинг ҳам, Йўлчивойнинг ҳам томоғидан ўтмади. Нозима уй тўрига қайнонасига, этакроққа эрига жой солаётганда Хадича ўғлига савол назари билан қаради. Йўлчивой онасига жавоб бермади. Хадича «кўнглим ёлғизликни истаяпти», дея олмади.

Бу тун на онанинг, на фарзанднинг кўзига уйқу илинди.

«Энди нима бўлади?»

Она-бола шу саволга жавоб излашарди. Юзаки қаралганда савол оддий, уни юзага келтирган воқеа ҳам оддий. Фожиа чиқаришга асос йўқдай. Аммо уй тўрида ётган муштипарнинг юраги бошқа гап айтади «Ўғлим бу мусибатни кўтара оладими? — дейди у. — Шунча йил алдаганинг учун Худонниг қаҳри келмайдими? Чин дадасининг аҳволлари не кечади? Акаларини ўлдирганлари ростми? Ишонмайман, ўлдирганларига ишонмайман. Унда нима сабабдан у кишини қамаб қўйдилар? У кишининг тирик эканларини, кўрганларини нима учун дадаси мендан яширдилар? Эри тирик хотинга, талоқ хати олмаган хотинга уйланганларидан қўрқдиларми? Худойим шунинг учун жазоладими? Мен-чи? Алдовга ишониб никоҳдан ўтганим гуноҳ эмасми? Энди нима бўлади? Ўғлимнинг чин дадасидан ҳам ажраймизми? Бир кўриб сўнг ажралиш учун бу ерга қайтиб эдикми? Ё у кишини асраб қолиш мумкинми? Асраб қолсак нима бўлади? Мен қайси юз, қайси ҳаё билан у кишига кўринаман. У киши менга энди номаҳрамми? Никоҳларидан чиқмаганман, аммо бошқага никоҳланганман. Бу муаммони ким ечиб беради? Асраб қолсак, ўғлим у кишини «отам» дейдими? Демаса-чи?»

Ўттиз йилдан зиёд вақт мобайнида зардобга тўлган юрак беоромлиги бу тун этакроқда ётган ўғлига ҳам кўчган.

«Нимага мендан яшириб келишди? Отасига меҳри яримта бўлмасин, дейишдими? Ака-укалар юз кўришиб бу сирни очишлари, эсон-омонлик билан яшашлари мумкин эди-ку? Нимага келишишолмади? Аямни талашишдими ё меними? Энди нима бўлади? У одамни «ота» дейманми? У одам мени «ўғлим» дейдиларми? Жаҳонгирнинг исмини айтганимда бесаранжом бўлганларининг сабабини энди тушундим. Шу исм у кишига сирни аён этдими? Аям Жаҳонгиримни бошқаларидан кўпроқ суядилар. Бу бежиз эмас экан-да?..»

Неча-неча кўнгилларнинг сирларини муҳрлаш учун яратилган тун бу сафар ўз ишини қилди: икки юракнинг ҳасратларини бағрига сингдириб, қуёш чиқмай туриб, қайси бир овлоқларга беркинди.

Маёр Санжар Солиҳов марҳумнинг хонадонидагилар сирлари ошкор бўлгач, ҳаловатларини йўқотишади, деб тахмин қилган эди. Бу оиланинг асосий сирни ўғилдан яшириб келганини эса у билиш у ёқда турсин, хаёлига ҳам келтирмаган эди.

Кеча прокурорнинг розилигини олиб, Жаҳонгирни озодликка чиқариб шаҳар касалхонасига йўллагач, қотилни яқин кунларда қўлга олишига ишонч ҳосил қилди. «Туйғуларим мени алдамайди», деб ўйларди у. Чиндан ҳам иш ниҳоясига етай деганда унинг юраги сезарди. Баъзан яхши туш кўрарди, баъзан сиқилган юраги яйрай бошларди. Бу сафар ҳам шундай бўлди. Она-боланинг келишини хуш кайфият билан кута бошлади. Хонасига Йўлчивойнинг ёлғиз кириб келганини кўриб, ажабланди.
— Онангиз қанилар? — деди у норози оҳангда.
— Аям бетоблар. Мендан сўрайверинг сўрайдиганларингизни.

Солиҳов Йўлчивойнинг овозидаги хасталикни, кўзларидаги ғамни сезиб «жуда қўрқиб кетишганга ўхшайди-ку?» деб ўйлади.
— Демак, Сиддиқ Шарипов отангизнинг сохта исми-шарифи. Ҳақиқий исми нима?
— Биласиз-ку?
— Саволимга аниқ жавоб беринг: ҳақиқий исмлари нима?
— Оламгир...
— Оталарининг исми?
— Муҳаммадризо ўғли.
— Туғилган ерлари?
— Қирқбел қишлоғи.
— Жаҳонгир Муҳаммадризаев ким бўлади?
— Укалари.
— Буни нима учун яширдиларингиз?
— Мен билмас эдим.
— Онангиз-чи?
— Аям... қизиллар уриб ўлдирган, деб эшитган эканлар.
— Кимдан эшитганлар?
— Қишлоқни ёққан кишилардан.
— Ким улар?
— Танимайдилар.
— Дадангиз укалари ҳақида ҳеч гапирганмилар?
— Йўқ.
— Сизга бу қизиқ туюлмаяптими? Укалари қизиллар қўлига тушиб қолган, уриб ўлдирилди, деган хабарни эшитганлар. Наҳот шаҳид кетган укани шу йиллар давомида бирон марта ҳам эсламаган бўлсалар?

«Сирларимизни тўла билмайди шекилли бу одам?» деб ўйлади Йўлчивой.
— Қайтиб келгач эса, — деб сўзини давом қилди Солиҳов, — кўришиб, ҳатто уйига таклиф қилмаганлар. Ака-укаларнинг Дайдидарада учрашиши учун қандай сабаб бор эди?
— Билмайман.
— Биз Жаҳонгир Муҳаммадризаевни озодликка чиқардик. У қотил эмас. Сиз ҳам қўрқманг. Отангиз йигирма иккинчи йилда жиноят қилган бўлса-да, сизни айбламаймиз. Отанинг гуноҳига фарзанд жавоб бермайди. Тўғрисини айтинг: Жаҳонгир Муҳаммадризаев шахсан сизга ким бўлади? Амакими ё отами?

Йўлчивой батамом гангиди: рўбарўсидаги одамми ё шайтонми? Ҳамма нарсани била туриб нечун чўғ устига ялангоёқ ҳайдайди, куйган юракни баттар куйдиради? Йўлчивой бу саволга тўғридан-тўғри жавоб қайтара олмас эди.
— Ҳа, биламан, — деди Солиҳов ғолиб одамнинг овози билан, — Жаҳонгир Муҳаммадризаев сизнинг отангиз. Буни сиздан балки яширишгандир. Бу ерга қайтиб келишни, ўлди деб ўйлаган одамлари билан учрашишни ўйлашмагандир. Ёпиғлиқ қозон ёпиғлигича қолади, деб умид қилишгандир. Булар мени қизиқтирмайди. Мен бир нарсани билишим керак: ака-ука орасида нима гап ўтган? Жаҳонгир Муҳаммадризаев ўттиз уч йил қасос умидида яшаган. Пешонасидаги ёзувни биласизми? «Алқасосу минал Ҳақ» деган. Кимдан қасос олмоқчи бўлган? Буни онангиз билишлари керак.
— Аям билмайдилар. Кеча гаплашганмиз. Эркаклар аёлларига ҳамма гапни айтавермайдилар. Дадам... ҳа, дадам, мен кечолмайман у одамдан. Аямга уйланмаганларида ҳам «ота» дердим... Дадам... ўшанда укалари билан масжидга чиқиб кетган эканлар. Аввалги хотинлари кириб аямга «Тез нарсаларингизни йиғиштиринг, хорижга ўтиб кетамиз», дебдилар. Анчадан кейин дадам ёлғиз қайтиб, «Жаҳонгир бир юмушни бажариб изимиздан етади», деб икки аёлни эргаштириб кетибдилар. Довонга боришганда «Жаҳонгирни қизиллар тутиб, калтаклаб ўлдиришди», деган хабар етган. Бўлган гап шу.
— Қотиллик юз берган куни нима деб кетган эдилар?
— Айтганман-ку?.. Биродаримни йўқлайман, деганлар. Ўттиз йил кўришишмаган экан. Кимлигини айтмаганлар. Лекин... ўша куни бошқачароқ эдилар.
— Бир ўзалри кетдиларми?
— Ҳа.
— У ёққа боришларини ким биларди? Танишлари, ўртоқлари эшитишмаганмиди?
— Эшитишмагандир.
— Кейинги пайтда уйингизга ким кўпроқ келарди?
— Эътибор бермаганман. Эшигимиз ҳамиша очиқ, дастурхонимиз тузоғлик бўлган. Меҳмондан қочмас эдик.
— Ҳарҳолда, дадангизнинг яқинларини эсланг. Исмини, касбини, турар жойини айтинг.
— Рафқат охун, Талъат охун... ошхонада ишлашади. Кўкчада туришади. Мидхат ака дорихонада хизмат қилади, уйлари Себзорда. Муродилла ака дўхтирлар, битта маҳалладамиз.
— Янглишмасам... қўшни бўлганлари учун кўпроқ шу Муродилла акангиз кириб турган бўлсалар керак?
— Ҳа, у киши табиблар, қўллари енгил. Нима бўлса, шу кишига чопамиз.
— Қашқарда ҳам яқин бўлганмилар?
— Ҳа, бирга келганмиз.

Маёр Солиҳов «Бугунча шу ҳам етар, сиз билан яна суҳбатлашамиз», деб Йўлчивойга рухсат берди. Йўлчивой чиқаётганида Жаҳонгир ётган касалхонани маълум қилди. Сўнг капитан Рамазоновни йўқлади.
— Энди чиқиб кетмоқчийдим. Комлев келибди. Муҳаммадризаев билан учраштирай.
— Касалхонага кузатиб қўйинг, аммо ўзингиз кирманг. Холи гаплашишсин, — деди Солиҳов. — Уларнинг суҳбати бизга фойда бермайди. Бугун бошқа янгиликлар тасдиқланди. — Солиҳов Йўлчивой билан бўлган суҳбатни баён қилди. — Ака-укани Дайдидараг бошлаган сабабни йигирма иккинчи йилдан, қишлоққа ўт қўйилган кундан излаш керак. Аёлларни олиб кетгани Оламгир келган. Жаҳонгир-чи? У қаерда эди? Нима учун кетолмай қолди? Уни калтаклашганини кўришган. Демак, қочаётганларнинг бир гуруҳи ҳали қишлоқда бўлган. Улар Жаҳонгирни қутқаришга ҳаракат қилишмаган.
— Балки атайин тузоқ қўйишгандир? — деди Рамазонов. — Одамлар Жаҳонгир билан овора бўлиб туришганда улар узоқроққа бориб олишади. Жаҳонгирни айбдор деб ушлашса, бошқаларни қидиришмайди. Балки ота меросга бутунлай эгалик қилиш учун Оламгирнинг ўзи фитна уюштиргандир.
— Гумонингизда жон бор. Лекин қотиллик нима сабабдан Дайдидарада юз берди? Учинчи одам тасодифан келиб қолганми ё ака-уканинг орасидаги гапдан хабардор бўлганми? Сиз Комлевни кузатиб қўйгач, манави одамлар билан қизиқиб кўринг, — Солиҳов шундай деб Йўлчивой айтган одамларнинг рўйхатини берди. — Суратларини олинг. Эрта-индин яна Қирқбелга чиқиб келаман.

Рамазонов рўйхатни олиб хонасига қайтди. Тегишли бўлинма билан боғлангач, Комлев билан учрашишга ошиқди. Бир қаватли меҳмонхона эшиги олдида Сергей Комлев кексалигига қарамай қаддини тик сақлаган аёл билан турарди.
— Танишинг, азизим, — деди Комлев Рамазоновга, — Зинаида Зиновевна. Бу кишининг матонатларига ҳатто декабрчиларнинг хотинлари ҳам қойил қолган бўлишарди.
— Серёжа, бас қил, — деди аёл.
— Мендай нотавонни шунча йиллар садоқат билан кутган хотинимни мақташга ҳаққим борми ё йўқми? Зинаида Жаҳонгирни кўп эшитган, аммо кўрмаган эди. Шу баҳонада келди. Аслида эса... сизлардан хавотирда.
— Серёжа, бас қил, — деди аёл, бу сафар қатъийроқ оҳангда.
— Зина, бу ўртоқ улардан эмас. Урушдан қайтиб бу хизматга ўтибди. Бу ўртоқнинг кўзлари уларникига ўхшамайди. Кўзларига бир қара, Зина.

Аёл эрининг айтганини қилиб, Рамазоновга тик қаради. Шунда Рамазонов унинг кўзларида маъюслик кўланкасини сезди. Бир пайтлар чиройли бўлган, кулиб турган кўзларда энди шодлик учқунлари сўнган. Айрилиқ йиллари ҳар қандай учқунни сўндиришга қодир. Рамазонов урушдан қайтган куни хотинининг кўзларига қараб буни англаган. Эрининг аждаҳо оғзидан тирик қайтишига бир ишониб, бир ишонмай тўрт йил кутган хотин кўзларига маъюслик умрбод парда ташлагандай эди. Хотини ҳозир кулиб, яйраб, яшнаса ҳам кўзида учқун сезилмайди. Айрилиқ бу аёл қаддини буколмабди, бироқ кўзидаги чўғни ўчира олибди...
— Демак, мен ошнам билан нима ҳақда гаплашишим керак? — деди Комлев.
— Истаганингизча гаплашинг. Мен сизларни шифохонага кузатиб қўяману қайтаман. У ўзини қотил қилиб кўрсатмоқчи эди. Қўлимиздаги далиллар унинг бу даъвосини рад этади. Биз баҳонада эски ошналарни учраштириб қўйяпмиз. Сиздан илтимосим, лозим топсангиз, гап орсида хотини билан ўғли тирик эканини айтиб қўйинг.
— Рост гапми шу ахир?
— Ҳа, рост.
— Зина, эшитяпсанми? Улар бизни шунчаки учраштиришяпти. Биз шунчаки бир гапни айтиб қўйишимиз керак. Кел ўзимизни гўлликкка солиб, ишонайлик бу ўртоққа. Булар ишларини зимдан қилаверишсин. Қани, кетдик.
— Сергей Василевич, — деди Рамазонов кета туриб, — сизга бир саволим бор?
— Зина, бекор келмабмиз, ҳарҳолда саволлари бор экан. Сўранг, азизим.
— Рақибларингизни янча олдингизми?
— О, милитсия бу томонга ҳам қизиқадими? Рақибларим, азизим, осонгина жон берадиган тоифа эмас. Уларнинг бошига гурзи билан бир урсангиз ерга кириб кетади, янчиб ташладим, деб ўйлайсиз. Лекин орадан сал ўтмай қарасангиз, яна яшнаб турибди-да! Улар чопса-чопилмайдиган, ўтда ёнмайдиган бандалар. Ҳа, Худонинг севган бандалари. Улар ўттиз еттида омон қолишди, урушга боришмади, урушдан кейин ҳам мўйловнинг қаҳрига учрашмади. Қалай, буларни энди янчиб бўлармикин?
— Ўзингиз янчаман, деганингизга сўрадим-да.

  

— Янчиш — менинг истагим. Ўлмас Кашчейни эшитганмисиз? Ҳа, балли, унинг жони қутичада сақланади. Қутича эса узоқ бир оролда. Буларнинг жони ҳам қутичада, қутича эса ҳомийларнинг пўлат сандиғида. Ҳомийлари эса қаерда туришини биласиз. Ҳомийлар янчилмагунча буларни бирнима қилиб бўлмайди. Азизим, эълон қилинган эркинликларни у ҳомийлар бўғишга қодирлар. Лекин бир кунмас бир кун янчиладилар, бунга ишонаман!

Комлев вақти адо бўлиб қолишидан қўрққандек тез гапирарди. Хотини бир неча марта «бас қил», дейишига қарамай, фикрини тўла баён қилмагунча гапдан тўхтамади.

Рамазонов шифохонага кириб, навбатчига ўзини таништиргач, мақсадини билдирди, Комлевни таништирди-да, хайрлашиб изига қайтди.

Қамоқхона шифохонасидан чиқарилиб бу ерга келиб қолганидан, врачларнинг меҳрибонлигидан ажабланиб ётган Жаҳонгир остонада таниш чеҳрани кўриб, аввал кўзларига ишонмади. Қаддини кўтараётганда Комлев тез-тез юриб келиб, уни елкасидан ушлади:
— Қимирлама, азизим, қимирлама, аҳволингни айтишди. Буни қара, жонимиз қаттиқ экан, ўлмай юриб, охири кўришдик-а! Зина, киравер. Ана, кеннойингни олиб келдим. Ўшанда таништиришга улгурмовдим.

Аёл жилмайиб, бош ирғаб саломлашди.
— Мен бугун сен билан кўп гаплашмайман. Шаҳарда беш-ўн кун бўламиз, олдингга яна келамиз, обдан суҳбатлашамиз.
— Сизни бу ерга милисадагилар олиб келишдими?
— Ҳа. Бунинг нимасига ажабланасан?
— Сўрашса айтинг, қаҳри қаттиқ эди, одам ўлдиришдан тоймас эди, денг. Музликларда ҳеч кимга билдирмасдан уч-тўрттасини гумдон қилган, денг.
— Бекор айтибсан! — Комлев ўрнидан шарт туриб кетди. — Бекор айтибсан, эшитдингми?!
— Ўша одамни ўлдирганимга улар ишонишлари керак. Ҳамма ишониши керак. Шунда кўзим очиқ кетмайди.
— Бекор айтибсан! — деди яна Комлев. — Шунча йил бировлар тақаган айб билан умримиз совурилди. Ҳеч бўлмаса, биров чақирган ажал билан кетмайлик. Одамлардек яшаш насиб этмади, одамлардек ўлайлик! — Комлев бирдан жимиб унга савол назари билан тикилиб қолди. — Менга қара, сенга айтишмадими?
— Нимани?
— Аввало сенинг даъволаринг ўтмабди. Қотилнинг изига тушишганга ўхшайди. Кейин... хотининг билан болангдан хабар бормиш шекилли?

Бу гапни эшитиб, Жаҳонгир кўзларини чирт юмиб олди. Инграб юбормаслик учун лабларини қимтиди. Комлев «нима қиламиз?» деган маънода хотинига қаради. Аёл секин бурилиб, эшик томон юрди.
— Ўзингни бос, Жаҳон, бир кун бўлса ҳам яхши куннинг тоза ҳавосидан нафас олишимиз шарт. Бунга ҳаққимиз бор. «Алқасосу минал Ҳақ»ингни унут. Мен ўғлингни топиб, гаплашаман.

Бу гапдан кейин Жаҳонгир ўзини тутолмай йиғлаб юборди.
— Керак эмас... Керак эмас... Истамайман кўришни... Мен... гуноҳкорман...
— Бекор айтибсан! Гуноҳкор эмассан! Ўзингни қийнама, мен кетдим. Қариганим сайин ишим кўпаяяпти.

Комлев шундай деб биродарининг юзини силаб қўйгач, ўрнидан турди. Жаҳонгирнинг мижжаларидан ёш сизиб чиққанини кўриб бош чайқаб қўйди-да, остонада пайдо бўлган врачга миннатдорлик билдириб, даҳлизга ўтди.

Жаҳонгир билак томирига санчилган эм игнасига ҳам парво қилмади. Дўхтирнинг гапларини ҳам эшитмади ҳисоб. Унинг кўз олдида милисахонада фарзандлари исмини айтаётган йигит яна гавдаланди. «Жаҳонгир...» деган овоз акс-садо бериб жаранглайверди. «Ўша менинг ўғлимми?» деган савол мингинчи (балки ўн мингинчи) марта хаёлини забт этди. Тушларига кирувчи дўмбоқча шундай норғул йигитга айланганми? У ўзи билмаган ҳолда бува бўлганми? «Бувамишман мен... боламни бир марта бағримга босмасам, набираларимни кўрмасам... Шундай кунни орзу қилиб эдимми? Акам нима учун яширдилар буни мендан. Қўрқдиларми? Тўғрисини айтсалар гуноҳларидан кечиб юборар эдим-ку?..» Бу фикр мударрис — Низом қоровулнинг васиятини эслатди: «Оллоҳнинг васлига етмоқ истасангиз қаршингизда гуноҳга ботганларнинг гуноҳидан кечинг. Зинҳор кек сақламанг. Узоқ вақт кек сақлаб, авф этмай келганингиз учун гуноҳкордан аввал узр сўранг, сўнгра гуноҳидан ўтинг...» Жаҳонгир бу васиятни тўла амалга оширолмаслигини биларди. Тўғри, у кўп одамнинг гуноҳидан ўтди. Аммо бир кишини — акасини авф эта олмасди. Орада ота руҳини қўйиб ичилган қасам бор эди. У қасамга хиёнат қила олмас эди. Ўшанда буни мударрисга айта олмади. Айтса мударрис — Низом қоровул балки бошқа фатво топармиди...

Жаҳонгир хотини, ўғли билан учрашувни йиллаб орзу қилган, қўмсаган эди. Энди, юраги алдамагани аниқ бўлгач, бу учрашувдан қўрқа бошлади. «Энди нима бўлади?» Онги шу саволга жавоб топишга ожиз эди. Зоҳиран осон туюлган бу савол эса тегирмон тоши бўлиб аъзои баданларини эзарди. Шу хаёллар билан андармон бўлиб, Дайдидарадаги фожиа ҳам бироз хира парда ортига ўтди. Дайдидарани эслаганида ҳатто «гапимдан тонсаммикин», деган фикр ҳам уйғонди. Бироқ, «Энди гапингга ким ишонарди. Қотилни топишолмай, ноилож, ишингни судга оширишади. Суднинг ҳукми эса аниқ», деган хулоса бу фикрни синдирди.

Жаҳонгир бири туғилиб, бири ўлаётган фикрлар тўрида ўралиб ётганида Комлевнинг овозини эшитиб, кўзини очди. Уч-тўрт кун кейин келаман, деган одам эртасигаёқ пайдо бўлибди. Қўлида қоғоз халта.
— Қалай, омонмисан? — деди у курсига ўтириб. — Кеча Зинадан балога қолдим. Касал кўргани қуруқ бордик, деб менга дашном берди. Бугун бозорга кирдим. Боғбонларга балли-э, манави узумни кўр! Асраганини қара, — у шундай деб халтадан бир бош ҳусайни узум чиқарди. — Узуммас, олтин-ку! Оғзингни оч, — у шундай деб узум донасини узиб, Жаҳонгирнинг оғзига солди. — Манави нокни кўр! Қандай сақлашади, ҳайронман.

Комлев олиб келган нарсаларини мақтаб бўлгач, бошқа гапга ўтди.
— Барвақт туриб сен ўқиган мадрасага бордим. Мударрисингнинг қоровулхонаси йўқ, мадраса ямоқчиларнинг артели бўлибди.
— Биламан, — деди Жаҳонгир.
— Буни-ку, биласан, лекин уларга ямоқчи зарурроқми ё илм, буни билмайсан! Ўша ерда туриб сўнгги учрашувимизни эсладим. У ёқда ҳам ёдимга келарди. Мударрисинг буюк одам эди. Афсус... мен у билан бир ойгина ҳамсуҳбат бўлганимда эди... Қанча билимларни ўзи билан олиб кетди-я! У оламдан ўтганида қаерда эдинг?
— Ёнларида эдим, қўлимда жон бердилар.
— Ўлиб қутулибди бечора. Бўлмаса изимга тушганлар уни ҳам тортишарди.
— Келишган эди. Жон талвасасида ётганларини кўриб, кутиб туришди. Ярим тунда узилдилар, мени тонгда олиб кетишди. Ўзим ювиб-тарагунимча индашмади, шунисига шукр дедим.
— Мен терговдаги гапларингни биламан, мударрис билан суҳбатларимизни айтмабсан. Айтиб, мени ёмонлаб чиқиб кетсанг ҳам бўларди. Чунки менинг тақдирим сенинг гапингсиз ҳал қилинган эди.
— Сиз... ўйлаб гапиряпсизми? Қўлингдан қотиллик келмайди, дейсиз-у, хоинлик қилишимга ишонасизми?
— Мен ундай деганим йўқ. Хаёлимга шунақа гап келса, бу ерда ўтирмасдим, мени биласан. Сен ўшанда қоровулхонадаги китобларни нима қилгансан?
— Олиб кетишган.
— Э-эҳ! — Комлев шундай деб қўл силтади. — Орасида нодир нусха китоблар бор эди-я! Одамлардан қўрқишар экан, қафасга солишди. Китобларда нима гуноҳ? Балки энг сўнгги нусхадаги нодир китобларни ҳам йўқ қилишгандир? Бу нима деган гап, биласанми? Билмайсан! Бу тарихдаги йиллар ўтда қовжиради, демак! Қовжираган йилларни ҳеч ким тиклай олмайди!

Комлев каравотда хаста одам ётганини унутиб, ёниб гапирарди. Мадрасада ямоқчиларни кўриб уйғонган нафрати энди авжга чиққан эди.
— Амир Темур айрим элларни босган, тўғри. У шоҳ эди, шунга мажбур эди, элини маъмур қилмоғи лозим эди. Дунёдаги ҳамма шоҳлар босган, талаган. Лекин.. ана шу лекинга эътибор бер: лекин у буюк маданиятга пойдевор қўйиб кетган. Бошқа шоҳларда бундай ёдгорлик йўқ. Хўш, нима учун ундан юз ўгиришимиз керак? Хўш, нима учун у ҳақдаги китобларни ёқишимиз ё ерга кўмишимиз керак? Жавоб бер!
— Буни улардан сўранг.
— Мен сени, азизим, қотилликда ҳам, хоинликда ҳам айбламайман. Аммо лоқайдликда айблайман! Ҳа, бунга ҳаққим бор. Сен билиб қўй: лоқайдлик — қотилликдан ҳам, хоинликдан ҳам ёмон. Сен ва сенга ўхшаганларнинг лоқайдлиги туфайли тарих кулга ботиб ётибди.

Комлев овозини баралла қўйиб гапираётгани учун дўхтир кириб томоқ қириб қўйди. Комлев чегарадан чиққанини билиб, енгил йўталиб олди-да:
— Бир олам ишим бор, мен кетдим, — деб ўрнидан турди.

Жаҳонгирнинг назарида Комлев шамолдай кириб, шамолдай чиқди-ю, ундаги осойишта хотиралар ғуборини кўтарди.
— Ўттиз еттинчи йилнинг кузагида Григорич Жаҳонгирнинг йўлга отланганини кўриб:
— Бу йилча бормаганинг маъқулми, ёмон гапларни кўп эшитяпмиз, — деди.

Бу ёмон гапларни Жаҳонгир ҳам эшитарди. Немис жосуслари, халқ душманлари ҳақидаги хабарлар етиб бормаган жой йўқ эди. «Жосусларга менинг нима алоқам бор?» деб ўйлади Жаҳонгир чолнинг гапидан ажабланиб.

Юртига эсон-омон етиб келди. Қишлоғида, Даминникида бир кеча тунади. Қарилик кучдан қолдирган мударрисни йўқлади. Унинг аҳволини кўриб, «шу ерда қишласаммикин», деб ҳам ўйлади. Мударрис — Низом қоровул белорус чолнинг гапини айтди: «Четроқда юрганингиз маъқул». Устози билан хайрлашиб бекатга чиқдию Комлевни учратиб қолди. Илмий кенгашга келган қадрдонини ташлаб кетолмади. Изига қайтди. Кечқурун мударриснинг қоровулхонасида тонготар гурунг қилдилар. Комлев эртаси оқшом яна келмоқчи эди, дараги бўлмади. Ўша кеч мударриснинг аҳволи оғирлашди...

Комлевнинг изидан одам тушганини, қоровулхонадан чиқиб бораётганда ҳибсга олинганини Жаҳонгир кейинроқ, сўроқ пайтида фаҳмлади. «Шу одам ўзбекни деб қайғуряпти, унга жабр бўлмасин», деб сўроқни чалғитмоқчи эди, бу билан айб тўрига ўзи чирмаб ташланганини сезмай қолди.

Оловни ким ўчиради?

Комлевнинг ташрифидан кейин Жаҳонгир хотирасида уйғонгана воқеалар, хусусан шоир ва олим йигитларнинг аянчли тақдирлари ҳақида ҳикоя.

Биринчи сафар қамалганида «бу ҳам одам-ку, яна бекорга жабр чекмасин», дебми, ҳарҳолда уч-тўрт кун сўроқ қилишган эди. Гувоҳларнинг билиб-билмай айтган сўзларини ҳам эшитишган эди. Ҳукмни эса эл олдида ўқишган эди. Бу сафар пачакилашиб ўтиришмади. Масала биринчи сўроқдаёқ ҳал бўлди. Жаҳонгир «халқ душмани» билан ошна эканини, шу ошначилиги туфайли қамоқда ўтириши лозимлигини билди. Лекин қанча ўйламасин, Комлевнинг қайси халққа — рус халқигами ё ўзбек халқига душман эканини фарқлай олмади. Қолаверса, ўзининг эгри фикрли унсур эканини ҳам шу сўроқда билди. Лекин қайси фикрлари тўғри, қайси бирлари эгри — улар тушунтириб ўтиришмади. Жаҳонгирга биров «Қамоқхонада ётишга жой йўқ», деса ишонмаган бўларди. Ўз кўзи билан кўриб «Ё, алҳазар», деб донг қотди. «Буларнинг барчаси унсурми, барчаси бойларнинг фарзандларими?» деб ўйлади. Қамоқхона эшиги шарақлаб очилиб-ёпилиб турарди: биров киради, бировни олиб чиқиб кетадилар. У кейинги сўроқда айтадиганини ўйлаб, пишитиб ўтирганида, ярим тунда чақирдилар. Лекин уни сўроқ қилмадилар, ҳукмни ўқиб эшиттирдилар. Ўн чоғли кишини ўша тундаёқ темир панжарали вагонга босиб жўнатдилар.

Жаҳонгир аввалига нохуш туш кўраётгандек бўлди: ўн беш йил аввалги вагон, ўн беш йил аввалги таниш ҳид... Фақат одамлар бошқа. Йигирма иккинчи йилда вагон лиқ тўла эмасди. Унда одамлар баралла сўкинаверар эди. Соқчилар катталарнинг оналарини «ширин сўз» билан тез-тез эслаб туришарди. Бу сафар вагон одамга тўла, лекин ҳеч ким йўқдай. Худди йигирма иккинчи йилдаги вагонга асов отлар қамалгану бунисига ювош қўйлар босилгандай. Аввалгисида ўзбеклар кам эди. Бунисида асосан ўзбеклар...

Поезд илгарилаб боргани сайин Жаҳонгирнинг эти увишади. «Яна ўша муз ўлкага бораманми, Худо бир марта омон қайтарди, энди-чи? Зокирхўжа сингари муз қабрга тушаманми?» деган хаёл юрагини кемирарди.

Бир бекатда поезд анча вақт тўхтаб қолди. Қоронғи тушганда вагон эшиги ғалдир-ғулдир қилиб очилди. «Етиб келдик шекилли», деб ўйлади Жаҳонгир. Бошқалар ҳам шу фикрга келиб, ҳамма буйруқни кутмаёқ ўрнидан турди. Офитсер қўлидаги рўйхатни қўлчироқ ёруғига тутиб, ўнта одамни чақирди. Номи чиққанлар вагондан пастга сакраб тушиб, ўзларини бир онда соқчилар қуршовида кўришди. Уларни олиб кетишгач, бошқалар «бизни ҳам чақирармикин», деган ўйда қотиб тураверишди. Вагон эшиги ёпилмади, уларни чақиришмади. Офитсер қўлидаги рўйхатни чўнтагига солиб ниманидир кутиб қаққайиб тураверди.

Кутиш жонга тегдими, вагондаги дадилроқ бир йигит офитсерга қараб деди:
— Ўртоқ, қаерга келдик?

Офитсер жавоб бермади.
— Ҳой, ўртоқ, қаерга келдик, деб сўраяпман?
— Мен сенга ўртоқ эмасман, жим бўл, гапириш мумкин эмас.
— «Ўртоқ», деб бўлмаса, «жаноб», деб бўлмаса, «тақсир», деб бўлмаса... Менга қаранг... бизни қачон тушунасизлар, ахир битга ем бўлиб кетдик-ку?
— Баттар бўлларинг! Овозингни ўчир! — деди офитсер ғазаб билан.
— Бизни халқ душмани деяпсиз, — деди йигит офитсернинг дағдағасини эшитмагандай, — унда битлар нима бўлади? Бизнинг қонимизни сўриб улар ҳам душманга айланиб қолади-ку? Уларни қандай ушлаб, қаерга қамайсизлар?

Асаблари таранг тортилиб турган маҳбуслар бу гапдан кула бошладилар. Бу кулгида шодликдан асар ҳам йўқ, балки заҳар зоҳир эди. Аччиқ, аянчли кулги офитсернинг бадан-баданига санчилиб, вагонга яқинлашди.
— Қани, битлиқи, бу ёққа туш-чи! — деб дағдаға қилди.

Гапирган йигит ўзини вагон ичкарисига олди. Айтилган пичинг гапдан сўнг бошланган кулгининг адоғи йўқдай эди. Маҳбуслар худди келишиб олишгандай, офитсерга қараб кулар эдилар. Уларнинг бундан бўлак чоралари йўқ: бу шароитда ё кулишлари, ё йиғлашлари, ё нафратларини ичларига ютиб тақдир ўйинига бўйин беришлари мумкин. Гапиришга қўрқадилар. Тиш ҳатлаган биргина ножўя сўз уларни қамоққа тиқди. Иккинчи ножўя сўз гўрга тиқиши аниқлигини биладилар. Шу учун тиллари тиш ҳатламайди. Ҳозир бутун ғазабларини шу зўраки кулги билан изҳор этардилар. Офитсер дўқ-пўписа билан иш битиролмаслигини билгач, соқчиларга «ешикни ёп!» деб буюрди. Баҳайбат эшик яна ғалдир-ғулдир билан урилиб ёпилди. Шу билан кулги ҳам ўчди. Дам ўтмай эшик яна очилди. Бу сафар офитсер ёнида ўн бешга яқин маҳбус турар эди. Офитсер рўйхатни яна қўлчироқ ёруғига тутиб маҳбусларни номма-нон чақирди. Шу зайл-да пастдаги маҳбуслар бир-бир вагонга чиқа бошладилар.

Поезд яна икки жойда тўхтаб, маҳбуслар «айир-бош қилиндилар». Учинчи тўхтаганда барчани туширдилар. Ўрмон ёқасидаги ялангликда, қор устида, изғирин қуршовида узоқ туриб қолдилар. Қайта-қайта текширувдан ўтишгач, турнақатор тизилиб, ўрмон оралаб юрдилар. Бир зум тўхтаб, нафас ростлашга ҳам имкон бермадилар. Маҳбусларнинг ҳам, соқчиларнинг ҳам силласи қуриб, адойи тамом бўлишса-да, тўхташга рухсат берилмади. Ниҳоят, шом қоронғусида ўрмон бағридан қутулиб чиқишди. Чиқишди-ю, ялангликда жиннилиги тутиб, бевошлик қилаётган шамолга йўлиқишди. Бир чақирим нарида уйлар қорайиб турарди. Уйлар атрофида қаққайган ёғоч миноралар бу ер одам яшайдиган қишлоқ эмас, балки қамоқхона эканидан далолат берар эди. Кун бўйи ўрмон оралаб юрганлари ҳолва экан, ялангликда, изғирин ҳукмида бир чақирим йўл босгунларича тамоман ҳолдан тойдилар. Айрим нимжонроқ маҳбуслар тиконли симдеворларга етиб боролмай йиқилдилар. Жаҳонгирнинг олдида чайқалиб бораётган маҳбус ҳам худди ўроқ билан ўрилгандай юзтубан тушди. Жаҳонгир ёнидаги йигит билан уни кўтариб, қўлтиғига кирди-да, юзларидаги қорни сидириб туширди.

Маҳбуслар рўйхат бўйича ёғоч уйларга бўлингунларича яна аллақанча фурсат ўтди. Жаҳонгир йиқилган йигитнинг юзларини қор билан ишқалади. Йигит аввалига оғриқни сезмади, сўнг ожиз ингради. Юзларига сал жон кирди.

Жаҳонгир сафда ёнма-ён келаётган одамлар билан бир уйга тушди. Йиқилиб қолган йигитни печга яқинроқ ёғоч каравотга ётқизишди. Печ ёқилмаган эди, шундай бўлса-да, изғириндан қутулган маҳбусларга уй ичи жонга роҳат берувчи иссиқдай туюлди. Жаҳонгир йигитнинг қўл-оёқларини ишқалаётганда соқчи кириб уни чақирди. Хонадагилар ҳам, Жаҳонгирнинг ўзи ҳам бундан ажабланишди. Соқчи уни дарвоза ёнидаги кичикроқ уйга бошлаб борди. Уй ичи ниҳоятда иссиқ, чўян печ устидаги чойнакда сув қайнаб турарди.
— Муҳаммадризаев сенмисан? — деди офитсер унга синовчан тикилиб.
— Менман, — деди Жаҳонгир.
— Нимага қамалганингни биласанми?
— Билмайман.
— Халқ душманларига ҳомийлик қилгансан. Ўзинг ҳам давлатга қарши ишлар билан шуғуллангансан.
— Мен ҳалол хизматим билан кун кўрганман, сиёсатга аралашмаганман.
— Гапни бас қил! — деди офитсер столни шапатилаб. — Бу ердан эсон-омон чиқиш ўзингга боғлиқ. Биз сенга ишонч билдирмоқчимиз. Ишончимизни оқласанг барвақтроқ қутулиб кетишинг ҳам мумкин. Сен унсур эмассан. Адашгансан. Адашганлар тавба қилса, тўғри йўлга тушса — халқ кечиради. Сен шу марҳаматга эришишинг керак. Сени биз тўртинчи баракка оқсоқол қилиб тайинлаймиз. Одамларга қарайсан, вақтида ишга олиб чиқасан, лўттибозликка йўл қўймайсан, айёрларни жазолайсан. Агар бирортаси қочмоқчи бўлганини сезсанг, дарров бизга маълум қиласан. Атрофингдаги сиёсатчилар дарров бирон ташкилот тузишга ҳаракат қилишади. Уларни ҳам кузатасан, маъқулми?

Жаҳонгир таклиф этилаётган ишнинг нималигини яхши билади. Турмадаги оқсоқол — барчанинг нафратига қолиб яшайдиган одам. Қорни бошқалардан кўра тўқроқ, тирик қолиш имконини ҳам бошқалардан кўра кўпроғу, лекин ҳар куни юзлаб кўзларнинг нафрат билан боқишига чидаб яшаш мумкинми? Жаҳонгир ҳозир ўша нигоҳларни кўриб тургандай эди.
— Бу ишни эплай олмайман. Эл қатори ишлаганим маъқул. Жосуслик қилиш қўлимдан келмайди, бизнинг уруғдан хоин чиқмаган, — деди у дангал.

Офитсер ундан бу даражадаги дадилликни кутмаган эди.
— Сен ҳали буни хоинлик деб тушунасанми? — у ўрнидан туриб Жаҳонгирга яқинлашди-да, ғазаб билан тикилди. — Уруғингдан хоин чиқмаганми? — У шундай деб Жаҳонгирнинг қорнига мушт урди. Жаҳонгир кутилмаган зарбдан букчайди. Яна мушт тушиб қолар ёки тепки ерман, деб ўйлаган эди, ҳартугур офитсерга инсоф бердими, бошқа урмади. Жойига бориб ўтирди.
— Феофанов! — деб бақирди ўтирган жойидан. Остонада Жаҳонгирни бошлаб келган соқчи пайдо бўлди. — Эрталабгача тиндирмасдан итдай ишлат. Бу ерда ишлаш қанақалигини билиб қўйсин.

Аскар йигит Жаҳонгирга ярим тунгача ўтин ёрдирди. Кейин соқчининг буйруғи билан Жаҳонгир бир қучоқ ўтинни олиб баракка қайтди. Ташқарида ишлаб қизигани учун Жаҳонгирга уй совуқ туюлди. Аскар йигитдан гугурт олиб печни ёқди. Ҳўл ўтин тутай-тутай охири ёнди. Йўлда йиқилган йигит букчайиб ётиб, бетўхтов йўталарди. Унинг ёнида ётган йигит бошини кўтариб, Жаҳонгирга қаради:
— Нимага чақиришибди?
— Ўтин ёрдиргани, — деди Жаҳонгир гапни қисқа қилиб.
— Айтгингиз келмаса, айтманг, лекин ёлғон гапирманг. Биз бу бадбахт ерларга ёлғон туфайли келдик. Ўзимиз ҳам ёлғонга суяниб яшасак... ўлганимиз яхши...

Йигитнинг овози титради. Жаҳонгир унга қаради: қоронғида унинг кўзлари кўринмади.
— Ўтин ёрганим ёлғон эмас, рост. Бошлиқ шу уйга оқсоқол бўласан девди, уруғимиздан хоин чиқмаган, деб балога қолдим.
— Оқсоқолликка нима учун сизни танлашибди?
— Билмадим... Ҳарҳолда мен аввал ўтирганман. Шуни ҳисобга олишгандир.
— Нимага қамалгансиз?
— Мени қамашаётганда ҳам бунчалик кўп савол сўрашмаган.

Йигит ўрнидан туриб печга ўтин қалаётган Жаҳонгирнинг ёнига келиб, чўнқайиб ўтирди.
— Айтинг, қаерликсиз, отангиз ким эди, балки танирман?
— Қирқбел деган қишлоқданман, отамнинг исми Муҳаммадризо.
— Муҳаммадризо? Сиз Шайхотадаги Тўхтасин косибни эшитганмисиз?
— Ҳа.
— Мен ўша Тўхтасин косибнинг ўғиллариман. Дадангиз бизникига келганлар. Ўшанда ёш бола бўлсам ҳам эсимда: калта соқол, бақувват киши эдилар.
— Сизни нимага қамашди?
— Э, ака, пешона шўр экан-да. Мен Олмонияда ўқир эдим. Бир гуруҳ ёшлар «Хорижда илм олмай туриб миллатни уйғотиб бўлмайди», деб Берлин деган шаҳарга ўқишга бориб эдик. Сафимизда қизлар ҳам бор эди. Ўқиб, таҳсилни тугатар чоғимизда тўсатдан юртга чақирдилар. Олий мактабларга ишга қўйдилар. Кейин... битта-битта тердилар. Мен бешинчисиман. Бизнинг ишимиз чатоқ, ака. Немис жосуси, деб айб қўйишган. Отилмай қолганимга шукр қилиб эдим. Бу дўзахдан қутулишимга кўзим етмай қоляпти.
— Бу ер дўзах эмас, — деди Жаҳонгир, — дўзахда ёнасиз. Бу ерда музлайсиз. Тирик қоламан, десангиз қимирлаб туринг.
— Сиз оқсоқолликка кўна қолинг.
— Нимага?
— Яхши одамга ўхшайсиз. Оталаримиз дўст эди, биз ҳам оға-ини бўлиб кетармиз.
— Исмингиз нима?
— Толибжон.
— Толибжон, иним, оқсоқол бўлсам ҳар куни бу ердагиларнинг минг-минг лаънатини эшитиб яшайман. Сизларни ишлашга мажбурлайман, гапларингизни уларга етказиб, хоинлик қиламан.
— Сиз ундай қилманг-да, гўё уларга жон-дилдан хизматда бўлаверасиз-у, аслида бизларга қайишасиз.
— Йўқ, Толибжон иним, бунақа номардлик менга тўғри келмайди. Ҳозиргинада «Ёлғонга суяниб яшамайлик», деганингизда қувонган эдим, бу гапларингизга қойил эмасман.
— Ака, айбга буюрманг, сизни хафа қилиш ниятим йўқ эди. Менга эмас... ақалли манавига ўхшаган хасталарга кўмагингиз тегармиди, деб эдим.

Жаҳонгир жавоб қайтармади. Бир қараганда Толибжоннинг гапларида жон бор. Бир уй одамдан битта инсофсиз топилиб оқсоқол бўлиб олса, ҳамманинг шўри қурийди. Жаҳонгир бу совуқ, бу меҳнат азобларидан қўрқмайди. Агар Худо бир хасталик ёки бир фалокат юбориб жонини олмаса, совуқ ёки меҳнат азоби билан омонатини ололмайди. Лекин бу бечораларга қийин. Эгилиб меҳнат қилмаган, китобдан бошқа нарсани билмайдиган бўлиб кўринган бу йигитлар бошига Зокирхўжанинг куни тушиши мумкин. «Ухламай, дам олмай буларнинг ишини қилишим мумкин, аммо иймонимни булғай олмайман», деб ўйлади Жаҳонгир.

Толибжон пешонасида ёзуви бор, юзи ҳамиша тунд бу одамга тушуна олмади. Шунча кун бирга йўл юриб, одамга ўхшаб гаплашиб ўтирганини кўрмади. Ҳатто биринчи тўхташда офитсерни мазах қилишганда ҳам у кулмади. Толибжон офитсернинг дағдағасидан қўрқиб, ўзини ичкари олаётганида шу Жаҳонгирнинг панасига ўтган, гавдали бу одамнинг миқ этмай туришидан ажабланган эди. Ҳозирги гапидан яна бир карра таажжубланди. «Қўрқяптими? Нимадан қўрқяпти? Иймонининг булғанишиданми? Наҳот бу замонда иймонни ўйлайдиган одамлар қолган бўлса? Наҳот кўриниши каллакесарни эслатувчи бу одам иймон, виждон, номус деган тушунчаларни қадрласа? Бизни туҳмат чодирига ўраб берганларда зиғирча номус, виждон, иймон борми эди? Биздан-ку, қутулдилар. Шу йигитлар, қизлар жувонмарг кетишди, деб юраклари ҳеч бўлмаса бир мартагина жизилладими экан? Худодан кечдилар, иймондан юз ўгирдилар, виждонга тупурдилар, номусни булғадилар... Шундай замонда бу одамнинг қамоқда ўтириб олиб, номусдан гапириши... Қизиқ... Мен ҳам ўзимни номусли дейман. Лекин мени оқсоқол қилиб тайинлашса... инкор эта олмасдим. Бу номуссизликка кирмайди. Номардларга қарши уларнинг ўз қуроллари билан курашиш керак!».

Толибжон шу қарорга келди, аммо фикрини очиқ айтмади.

Уларни тонг қоронғусида уйғотдилар. Жаҳонгир бошлиқ яна чақирармикин, деб ўйлади. Аммо уни йўқлашмади. Нонуштадан кейин лаби тиртиқ бир давангирни оқсоқол деб таништиришди. Оқсоқол «туринглар!» деб қичқирди. Барча ўрнидан тургач, ҳиринглаб туриб деди:
— Қани, зиёливачча сафсатабозлар, бир тер тўкларинг-чи энди!

Бу гапни эшитиб Жаҳонгир беихтиёр Толибжонга қаради. «Ана кўрдингизми, кунимиз кимга қолди», дерди Толибжоннинг кўзлари. Туни билан йўталиб чиққан, озғин йигитнинг кўзида ҳам афсус бор эди.

Оқсоқолнинг буйруғи билан ташқарига чиқиб болта, арра олишди. Вазифа дарахт кесиш экан.
— Омадларинг бор экан, — деди Жаҳонгир йигитларга, — муз чопиб ер ўймаганларингга шукр қилаверинглар.

Озғин йигитни яна йўтал тутиб, букчайиб қолди. Томоғини қириб тупурган эди, қор қизарди. Жаҳонгир Толибжонга қараб бош чайқади-да, оқсоқол томон юрди.
— Қон тупуряпти, аҳволи чатоқ, — деди озғин йигитни кўрсатиб.

Оқсоқол қўл силтади:
— Ажали етса ўлади, етмаса ўлмайди, ишинг бўлмасин.

Жаҳонгир унга тушунтириш ортиқчалигини англаб, афсус билан изига қайтди. Озғин йигит юзини оқ қайинга қўйиб жим турарди. Маҳбуслар буйруқни икки қилмай ишга киришишгач, дастлабки дарахтлар қарсиллаб йиқилиб, қорни тўзита бошлаган эди.
— Исломхон иним, кечгача чиданг, баракка қайтсак, бошлиққа кирамиз. Сизга енгилроқ иш беришади.

Озғин йигит — Исломхон юзини дарахтдан олиб, Жаҳонгирга қаради. Унинг кўзлари ёшланиб борар эди. Жаҳонгир «йигит ўз тақдирига куйиб кетяпти», деб ўйлади.
— Тақдирга тан бермай иложимиз йўқ. Бу кунлар ҳам ўтар-кетар, — деб тасалли бермоқчи бўлди.
— Тақдир дейсизми?.. — Исломхон шундай деб хўрсинди. «Ким ўлар ҳолатга етса, ул билур жон қадрини» деганларидек, Исломхон озодлик қадрига қамоққа тушиб етган эди. Сассиқ вагонда кела келгунча эркинликни, бахтни, муҳаббатни улуғлаб ёзган шеърларини эслаб, аввалига ўзидан ўзи уялди. Кейин ўзига нисбатан бўлган нафрати орта борди. Ҳозир кесилаётган дарахтларга қараб, юраги эзилди. Кокилларини тараб, маъюс турган оқ бадан келинчакни эслатувчи оқ қайин унинг кўзига гўзаллик рамзи бўлиб кўринди. Маҳбуслар унинг назарида дарахтга эмас, олам гўзаллигига болта урар эдилар, дарахт эмас, гўзаллик оҳ уриб йиқиларди. Назарида озодликда одамлара бошига ҳам шундай кун тушган. Кесилган дарахтлар ўрнига ниҳол экилса ўрмон ўрни тўлар, аммо бевақт, ножўя қирқилган одамлар ўрни қачон тўларкин?

Исломхон йўлда кела туриб хаёлида туғилган сатрларни тилига кўчирди:

Қўнма булбул, қўнма булбул,

Мозор тошига.

Налар келди, налар келди,

Юртим бошига...

Пичирлаб айтилган бу сатрларни Жаҳонгир эшитди.
— Сиз... шоирмисиз, иним? — деди Жаҳонгир бироз ажабланиб. Исломхон унинг саволидаги бу таажжубни сезди.
— Ҳайрон бўляпсизми? — деди саволга савол билан.
— Шоирларни ҳам қамарлар, деб ўйламаган эдим. Қадимда хонлар дуруст мадҳ этмаган шоирларни жазолар эканлар. Мен шоирлар ҳаётидан йироқман, Ватандан ҳам йироқда эдим, балки адашгандирман. Менинг чамамда шоирлар мадҳ этишни ўрнига қўйишаётган эди.
— Мадҳ этардик... аммо дардимиз ичимизда эди. Чўлпондан айирдилар, Қодирийдан жудо қилдилар. Усмонни ҳайдаб кетдилар... Халққа ким қолди? Шайбонийхон замонида Муҳаммад Солиҳ деган нуктадон шоир «Бўлди танбалга ватан Фарғона, қилди Фарғонани танбалхона», деган экан. Юрт энди танбалхонага айландими? Иғвохона, туҳматхонага айландими?
— Нимага қаққайиб турибсанлар?! Ишлаларинг!

Лаби тиртиқ оқсоқолнинг бақириғи Исломхонни хаёл дунёсидан қайтарди.
— Ишлаймиз, хўжайин, ишлаш учун келганимиз бу ерларга, — деди Исломхон маъюслик билан, кейин маҳзун жилмайди, — дарахт кесиш нима экан, оламни остин-устун қил, десангиз ҳам қайтмаймиз.
— Олам сенсиз ҳам остин-устун бўлади. Сен буюрилган ишни бажар.

Жаҳонгир оқсоқолни билагидан ушлаб, четга тортди.
— Менга қара, оқсоқол, — деди у таҳдидли оҳангда, — мен сиёсатчилардан эмасман. Пачакилашиб ўтирмайман. Сибирнинг музликларидан тирик қайтган одамман. Сендан бешбаттарларни кўрганман. Бу йигит билан анависи, — у йиқилган дарахтни бутаётган Толибжонни кўрсатди, — менга тегишли одамлар, уларга осилма. Ҳар қанча гапинг бўлса, менга айтавер.

Оқсоқол бу гапга жавоб бераман, деб оғиз жуфтлади-ю, «Бунинг пешонасига бекор ёзилмагандир, кел, шу билан тескари бўлмай», деб фикридан қайтди.
— Мен дарахт кеса олмайман, — деди Исломхон Жаҳонгирга. — Отиб ташлашса ҳам кесмайман.
— Унда йиқилганларни бутанг. Мен Толибжон билан арра тортаман, — деди Жаҳонгир.

Толибжоннинг арра тортишга уқуви йўқ экан. Жаҳонгирни обдон ҳолдан тойдирди. Пешинда тузланган карам солиб пиширилган илиқ шўрва ҳам тотли туюлди. Кўзини бир нуқтага тикиб олган Исломхон эса тунука товоқни яримлатмади ҳам.
— Исломхон, кўп ўйламанг, қариб қоласиз, — деди Толибжон ҳазил оҳангида. — Ҳали биз бу ердан чиқиб уйланишимиз керак. Ўзимизни ўзимиз қаритсак, қайси қиз қарайди бизга.

Исломхон дўстига қараб жилмайди. Йигирма бешдан ошган қорақош йигит жилмайганида олам чах-чах уриб кулиши керак. Лекин маҳкум йигитнинг ҳозирги маҳзун жилмайишидан осмон янада тундлашгандек бўлди.
— Уйланиш дедингизми? Ҳа, уйланиш керак... Биз қутулиб чиқамиз. Лекин бизни кимлар кутиб олади? Мен шуни ўйлаяпман.
— Кимлар бўларди, ғаззола қизлар-да, а, Жаҳонгир ака? — деди Толибжон айёрона кўз қисиб.

Унинг саъй-ҳаракати зое кетди. Шоирнинг зада қалбига бу каби арзон ҳазил малҳам бўла олмас эди.
— Қизлар-ку, кутар, — деди Исломхон ўйчан, — лекин биз боргунга қадар боғлар қуриб, булбуллар қирилиб, қузғунлар булбул либосини кийиб олса-чи?

Толибжон Жаҳонгир билан кўз уриштириб олди. Жаҳонгир «уни ўз ҳолига қўйинг», деган маънода енгил бош ирғади. Исломхон буни англамай гапини давом эттирди.
— Машойихлар «Кучинг етар экан, оловни шу он ўчир, агар аланга олса, жаҳонни куйдиради. Душманани ўқ билан уришга қодир экансан, унинг камон керишига йўл қўйма», деганлар. Биз оловни ўчириш керак, деб ваъз айтдиг-у, ўчиришга уринмадик. Камонни душман қўлидан олиш лозим дедиг-у, олиб қўймадик. Оқибатда жаҳон куйди, камондан тинмай ўқлар отиляпти. Бу ерлардан эсон-омон қутулсак ҳам ёниб адо бўлган жаҳаннамга борамиз.
— Исломхон, сиз шоирсиз. Шоирлар фалсафага мойил бўладилар, — деди Толибжон жиддий оҳангда. — Аммо бу фалсафангиз менга маъқул эмас. Бизни нишонга айлантириб, ўз дўстларимиз қўлига камон бердилар. Бу камон отувчилар ҳозир озодлар, бахтиёрлар. Мен то бу ердан чиққунимча уларга омонлик тилайман. Сиз ҳам тиланг. Ҳаммамиз тилайлик. Чиқиб уларни соғ-омон кўрайлик. Мен уларнинг маккор кўзларига бир марта қарасам кифоя. Уларнинг кўзларида бир мартагина изтироб кўрсам етарли.

Жаҳонгир соддадиллик билан айтилган бу гапни эшитиб, кулимсиради. Толибжон бундан ранжиди.
— Нимага куляпсиз? Омон чиқишимизга ишонмаяпмизми? — деди у.
— Раҳматли мударрисим «Агар олам тиғи қўзғолса, Худо хоҳламаса, бирор томирни ҳам қирқа олмайди», дер эдилар. Худо хоҳласа, эсон-омон бундан қутулиб чиқасизлар. Аммо... камон отганлар кўзида изтироб кўраман, дейишингиз хомхаёл, иним. Шаҳар дарвозаларини ёпиб бўлар-у, улар оғзини ёпиб бўлмас. Исломхон топиб айтдилар: улар булбул либосида ҳунар кўрсатаверадилар.
— Сизнинг бадбин ниятингиз мени ҳайрон қолдирди. Қачонгача улар гуноҳ ишлардан завқ олишади, тавба ҳам бемаза эмас, бир кунмас бир кун ундан ҳам татиб кўришар-ку?
— Толибжон иним, мен билан баҳс юритманг, Худо хайрингизни берсин, — деди Жаҳонгир вазиятни юмшатиш учун кулимсираб, — пешонамдаги ёзувни билмайсизлар. Ўқишга ҳаракат қилдинглар, сезиб турдим, аммо ўқий олмадинглар. Ориятли экансизлар, сўрашга истиҳола қилдинглар. Энди ўзим айтай: «Алқасосу минал Ҳақ» дейилган. Сиз ҳам ўзингизга ёмонлик қилувчиларни турмуш ҳукмига ҳавола этинг. Турмуш сизга ўч олиб берувчи хизматкордир.

Толибжон бу гапни эшитиб, бир зум жимиб қолди. Кейин бош чайқаб деди:
— Гапингиз рост, сиз билан баҳс юритиб бўлмайди. Тақдиримиз зоҳиран бир. Юракдаги дардимиз бошқага ўхшайди.

Жаҳонгир «на чора», деб елка қисиб қўйди. «Булар ҳали ёш, ҳадемай ҳовурлари босилади, уларнинг жиғига тегмай», деб мағлуб одамдай бош эгди. Исломхон уни биринчи марта кўраётгандай тикилиб турди-да, ҳорғин одамнинг товушида деди:

Шаби ғам гирд-боди оҳам аз жо бурд гардунро,

Фурў бурд аждаҳои сайли ашкам рубъи маскунро, —

деган эканлар Шайҳим Суҳайлий. Яъни, ғамли кечаларда оҳимнинг қуюни осмонни ўрнидан қўзғотади. Кўз ёшим селининг аждаҳоси ер юзини ютиб юборади.

Оқсоқолнинг «Туринглар!» деган бақириғи янграмаганда уларнинг азага келган хотинлар ҳасратини эслатувчи бир оз мунгли, бир оз аламли гаплари давом этавериши мумкин эди.

Қишнинг қаҳри қирқилиб, офтоб тез-тез кўринадиган бўлиб қолган кунларда тиканли сим билан ўралган ҳовли этагидаги бўш уй эгалари келишди: устларига калта пахтали қора тўн, оёқларига қўпол ботинка кийган, сочлари олиб ташланган, қора рўмол ўраб олган, киртайган кўзлари маъюс боқувчи турли ёшлардаги аёлларни кўриб, дастлаб барча ажабланди. Сўнг кимнингдир юзида кулги ўйнади, кимнингдир кўзларида ёш кўринади.

Энг четдаги бу уйга кимнинг бориши оқсоқолнинг ҳимматига боғлиқ эди. Бир куни кечки пайт у баракка келиб, тўрт кишини чақирди. У маҳбусларнинг исмини айтиб чақирмас эди, олтинчи баракдаги ўзига тобе одамларнинг ҳисоб рақами ёд бўлиб кетган, «256097» рақамли киму «256071» ким — адашмай ажрата оларди. Бу кеч ҳам рўйхатга қарамай ҳисоб рақамларини айтиб чақирди. У гўё одамларни эмас, тартиб билан тахланган жонсиз буюмларни саралагандай ҳаракат қиларди. Бир неча ҳафта ичида у маҳбус эканини унутган, ўзини бошлиқлар қатори қўйиб керилишни одат қилган, озодликдаги гуноҳини унутиб, янги гуноҳлар сандиғини очиб олган эди.

Исломхоннинг рақами тилга олинганда наинки унинг ўзи, балки Толибжон, ҳатто Жаҳонгир ҳам титраб кетишди. Улар Исломхоннинг марҳаматга сазовор бўлиши мумкин эмаслигини, бу «марҳамат» унинг иззат-нафсини хўрлашдан иборатлигини англаб туришарди.
— Мен... бормайман, — деди Исломхон ўрнидан туриб.

Оқсоқол унга қараб ишшайди. Лаби тиртиқ одамнинг афти қўрқинчли тусга кирди.
— Борасан, бу буйруқ! — деди.

Жаҳонгир ўрнидан туриб, оқосоқолга рўбарў бўлди:
— Мусулмонларга тегма! Ҳаромга аралаштирма бизларни!
— Мусулмонларинг йилда бир мов бўладиган мушукми, — оқсоқол шундай деб тисарилди. — Бу каттанинг буйруғи. Ҳамманг галма-галдан кириб чиқасанлар, тартиб шу!

... Исломхон тонгда ғариб киши кепатасида қаддини букиб кириб келди. Чурк этиб оғиз очмади. Нонуштага қарамади ҳам. Ўрмонга бориб кеча йиқитилган дарахт устига ўтирди. Болтанинг сопини қаттиқ қисганидан бармоқлари кўкариб кетди. Жаҳонгир унинг бармоқларини аста бўшатиб, болтани қўлидан олди. Толибжон дўстининг ёнига ўтирди.
— Онам тенги экан... — деди Исломхон йиғламсираб, — олимнинг хотини экан. Гуноҳини ўзи ҳам билмайди... Биз-ку майли, хотинларни нимага қийнашади? — Исломхон пешонасини Толибжоннинг елкасига қўйиб ҳўнграб йиғлаб юборди. — Биз киммиз ўзи, одаммизми, ҳайвонмизми? — Исломхоннинг кейинги гапларини тушуниб олиш қийин бўлди.

Оқсоқол «ишлайсанларми, йўқми!» деб дўқ урмоқчи бўлди-ю, болта ушлаб турган Жаҳонгирни кўриб, шаштидан қайтди.

Жаҳонгир Исломхоннинг аҳвол-руҳиясини ҳаромдан ҳазар қиладиган инсон сифатида тушунарди. Шоир юрагидаги чексиз нафратни ҳис қилиш учун одамда шоир қалби бўлиши керак. Аёллар барагига қадам босганда айрим эркакларнинг ҳайвон кепатасига кириб қолганларини, маъсуманинг хонадаги пишиллашлар, ҳиринглашлардан титраб ўтиришини кўриш, унинг «халқ душмани», деб эълон қилинган, ҳозир Сибирнинг овлоқ ерларида азоб чекаётган кекса эри, қизлари ҳақидаги ҳикояларни эшитишдан кўра жонни Азроил қўлига топширмак минг карра афзал эди.

Орадан кунлар, ҳафталар ўтиб, қамоқхонада аёллар барагига «қиз кириб, қиз чиқаётган» эркаклар ҳақида масхараомуз гаплар оралаб қолди. Шу ҳақда оғиз кўпиртираётган маҳбус Жаҳонгирдан калла егач, «ғалати эркаклар» ҳақидаги гап-сўзга хотима ясалди.

Исломхон қишни минг бир азоб билан чиқарди. Маҳбуслар ўзаро суҳбатларда айрим туҳматчиларни сўкардилар, лаънатлардилар, бегуноҳликларини исбот қилиш мақсадида Сталинга мактуб ёзиб нажот кутар эдилар. Толибжон билан Исломхон ҳам бу ишдан четда қолмадилар. Исломхон бу ердан тирик чиқиб кетолмаслигига ақли етиб, тушкунликка берилган эди. Толибжон аввал ўзи мактуб ёзди. «Алмония Карл Маркс ватани бўлгани учун, буюк доҳиймиз Ленинни паноҳига олгани учун мен у ерга бориб ўқидим», деб бошлаб, буюк доҳий Сталинга меҳри беқиёслигини баён қилиб тугатди. Умид билан ерни ёриб чиққан кўкат қуёш нурига тўймай дўлга тутилгани каби Алмонияда билим олган ёшлар ноҳақ хазон бўлаётганларини ҳам айтди. Исломхонни ҳам шундай мактуб битишга мажбурлади.

Жаҳонгирни ҳам ёзишга ундашди. Бу юмушдан фойда унмаслигини билган Жаҳонгир қўлига қалам олмади. Умид билан жавоб кутаётган бу икки ёшга қараб туриб, Жаҳонгир бир ҳикматни тез-тез эслар эди: бошоқдаги дондан сўрабдилар: «Нечук имиллайсан, тез етилмайсан?» Бошоқдаги дон жавоб берибди: «Тез етилсам тегирмон тошлари орасида тезроқ янчиламан-да»... «Бу йигитлар тегирмон тошлари кутаётганини билмай тез етилишди. Энди бу тошлар орасидан омон чиқишармикин?» деб кўп ўйлади. «Нурга ўлим йўқ, дейдилар. Бу йигитлар нурмисол, Худо хоҳласа, омон чиқишади», деб ўзига ўзи тасалли берди.

Ғамга сахий, шодликка хасис бу дунё нолаларга парво қилмай тегирмон тошларини аёвсиз юргизарди. Дастлаб Толибжон жавоб олди — ҳукм қатъий, шикоятга ўрин йўқ экан. Шунда у пешонасига бир шапалоқ урди.
— Профессор Герхард шу ерда қол, деганда мен аҳмоқ кўнмабман. Ватанга хизмат қиламан, дебман!

Бу гапни эшитиб, Исломхон унинг оғзини кафти билан ёпди.

Исломхонга жавоб кейинроқ, баҳор борлиқни эркалай бошлаганда келди.

Офтоб иссиғи таналарига ўтиб, дарахтлар уйғонди. Уйғонди-ю, яланғоч баданларидан уялиб, шошқич равишда қуш тилидай япроқлардан иборат ҳарир пардага ўрала бошладилар. Бу яшил ҳарир парда орқасида уларнинг оқ, тоза баданлари янада гўзал кўринди. Эндигина япроқ чиқарган дарахтлар Исломхоннинг кўзига бу гўзалаликда эмас, балки касалдан турган бемордай заъфарон кўринар эдилар. У дарахтларни ўзи каби ўлимга маҳкум деб биларди. Ўзининг ўнгланмаслигига ишониб қолган Исломхон ҳар қон тупурганида:
— Бу дард илаки ўларман, мараз чу зоҳир эмас,
Табиблар бу балоға не чора қилғайлар, —

деб қўярди.

Жаҳонгирнинг «Баҳорга етиб олсак, бу дардлардан фориғ бўлиб кетасиз», деган далдасини эшитиб, мийиғида куларди.

Исломхонни қамоқ бошлиғи айни баҳор кучга кирган паллада чақирди.
— Ўртоқ Сталинга ёзган хатинг юртингга юборилган. Ўзингнинг ёзувчиларингдан иборат комиссия «миллатчилиги тўғри», деб хулоса чиқариб берган. Шунга қарамай, касаллигинг инобатга олинган. Сени жанубга, иссиқроқ ерларга кўчирамиз. Ҳозироқ йўлга чиқасан.

Исломхон хайрлашар маҳали турар жойини яна эслатиб, Жаҳонгир билан Толибжонга бир ўтинчини айтди:
— Онамга айтинглар, берган оқ сутларига рози бўлсинлар. Мен ҳеч кимга хиёнат қилмадим.

Жаҳонгир бу шоирни бошқа кўрмади. Урушдан кейин юртига қайтиб, уни сўроқлади. Онаси ўғли ҳажрида куйиб адо бўлибди. Сингиллари аканинг на тиригини, на ўлигини билишарди. Исломхоннинг, у сиғинган алломаларнинг номлари тилга олинмаётганидан билдики, уларга ҳали ҳам омонлик берилмабди. Шунда Исломхон улуғлардан мисол қилиб айтган бир байтини эслади:

Ба номи некў гар бимирам равост,
Маро ном бояд ки тан маргрост.

«Яхши ном билан ўлсам, шу етади, менга яхши ном керак, тана эса ўлим учундир», дер эди, бечоранинг номини ҳам ўчиришибди», деб ачинди.

Хоинликдан худо асрасин

Капитан Рамазоновнинг сўроғидан сўнг Жаҳонгир эслаган воқеа баёни.

Капитан Рамзиддин Рамазонов маёр Солиҳовнинг топшириғини бажариб, марҳум Шарипов оиласига яқин кишилар ҳақида маълумот тўплади. «Маёр қотилни марҳумга яқин одамлардан қидириб тўғри қиляптими, — деб ўйлади у. — Муҳаммадризаевга яқин одамлар-чи? Унинг уруш йилларидаги сирли ҳаракатига нима учун қизиқмаяпти? Партизанлар отрядида бўлган, сўнг асирга тушган, Туркосштелледа — СС бош бошқармасининг Туркистон бўлимида хизматда бўлган, у ердан топшириқ олиб, юртига келгану тўғри милитсияга учраган. Немислар тайёрлаб берган ҳужжат билан тинчгина яшаб юриши мумкин эди...»

Рамазонов саволларига жавоб тополмай Жаҳонгир ҳақида маълумотлар жамланган папкани очди. 1944 йилги сўроқ, тўпланган маълумот ажабланарли эди.

«Жаҳонгир Муҳаммадризаев партизан отрядида барча ҳарбий оператсияларда ҳалол иштирок этди. Юртдоши Толибжон Тўхтасинов билан навбатдаги оператсияга кетиб, нишонсиз ғойиб бўлди. Отрядда сотқин, хоин деб гумон уйғотган эмас.

Отряд командири, подполковник Стружев»

1944 йилда Муҳаммадризаев ҳаракатида жиноят аломатлари топилмаган, аксинча, 1938 йилги ҳукм бекор қилинган. Лекин орадан тўрт йил ўтиб «Ватан хоини» Муҳаммадризаев ўн уч йил озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган.

Бу соҳанинг нозик жиҳатларини ҳали яхши ўрганиб етмаган капитан Жаҳонгирнинг ҳаётига оид маълумотлардан бир хулоса чиқара олмас эди. Асирга тушганларнинг, Югославия партизанлари сафида жанг қилганларнинг урушдан кейинги аянчли тақдири унга аён. Қўшинлардаги махсус бўлимнинг бераҳмлигини ҳам билади. Қирқ тўртинчи йилда, жосуслик вазифаси билан ўтиб келган одамнинг гуноҳидан ўтишлари мумкинмиди? Рамазанов «Агар бизнинг разведкага хизмат қилган бўлса, гуноҳидан ўтишгандир», деб хулоса чиқарди. Гуноҳдан ўтиб туриб, тўрт йилдан сўнг уни яна қамоққа тиқишлари ажабланарли. «Агар одамни Худо яратиб, унинг тақдирини ҳам белгилаб қўйган бўлса, бундай чигал тақдирни қандай ўйлаб топди экан? Тақдир чангалида ўйин бўлган одам ақлдан озмай яшаши мумкинми?»

Рамазонов Жаҳонгир ҳақида ўйлаганларини маёр Солиҳовга айтди.
— Истасангиз, тегишли бўлим билан боғланинг. Истасангиз, ўзи билан гаплашинг. Лекин менинг назаримда Муҳаммадризаевнинг у йиллардаги ҳаётидан бу ишга алоқадор маълумот ололмайсиз. Балки... — Солиҳов пича ўйлади, — бу одамнинг феъл-атворини аниқлашга ёрдам берадиган бирор гап чиқар. Мен марҳумнинг яқинлари билан шуғулланаман. Сиз Муҳаммадризаев билан учрашинг.

Махсус бўлимда Рамазоновнинг илтимоси икки кундан кейин қондирилди. Муҳаммадризаев ҳаётига оид маълумотлар тўпламини унга кўрсатишмади. Бунинг ўрнига «Ж. Муҳаммадризаев разведкада хизмат қилмаган», деган қисқагина жавоб хати беришди. Туркистон легионига оид савол-жавоблар ва маълумотларнинг энг сўнггига тикилган, Жаҳонгирнинг ўз қўли билан араб имлосида хуснихат билан ёзган тилхати Рамазонов учун сир бўлиб қолаверди. Ақалли «Мен хоин бўлмаганим важҳидан юртимга қарши иш кўришдан ўзимни тийиб, сизларга таслим бўлдим. Уларнинг буйруқларига бўйсунишдан мақсадим — ота юртимга келиб олиш эди. Сизларга хизмат қилишим у томонга нисбатан хоинлик бўлур, мен эсам хоинликдан ҳазар қиламан. Хоинликдан ҳазар қилгувчилар ўлимга лойиқ топилса, мен кундага бош қўйиб беришга розиман», деган тилхатни кўрсатишганда ҳам Рамазоновга кўп нарсалар ойдин бўлар эди.

Рамазонов Жаҳонгир ётган шифохонага мавҳум таассуротлар ичида борди. Бош табиб «Беморнинг ороми бузилган, бугунча сўроқ қилманг», деди. Оромининг бузилишига «ўғиллариман», деб ўзини таништирган бир йигитнинг ташрифи сабаб, деб изоҳлади.

Рамазонов бош табибнинг гапини икки қилмай, изига қайтиб, шифохонага эртасига кун ёйилганда келди. У Жаҳонгир ёлғиз хонага кирганида ҳамширалар муолажани тугатиб чиқишаётган эди.

Жаҳонгир ўғли келиб кетганидан кейин Оллоҳга шукр қилишни ҳам, жонимни тезроқ олақол, деб фарёд уришни ҳам билмай қолди.

Исломхонни ўйлаб ётган пайтида елкасига оқ халат ташлаб олган таниш йигитни кўриб, юраги уришдан тўхтаб қолгандай бўлди. Бошини ёстиқдан узиб, қаддини кўтармоқчи эди, мажоли етмади. Йигит — унинг пушти камари, ўттиз уч йил хаёлида эркалаб, авайлагани — салом бериб, «безовта бўлманг», деб елкасидан ушлади. Жаҳонгир беихтиёр унинг қўлига кафтини қўйди. Бу хаёлидаги дўмбоқ қўлча эмас... Аммо бу қўлнинг тафти юрагига қайта жон бергандай бўлди. Салом-аликдан сўнг ота-бола тилдан қолгандай бир-бирларига тикилишди. Аламлар — шодликлар ҳам, дардлар — ҳасратлар ҳам, фарёдлар — бахтиёрлик ҳам шу қарашларда зоҳир эди. Жаҳонгирнинг қарашида хижолатлик, йўқ, хижолат эмас, кечирилмас гуноҳ қилиб қўйган банданинг изтироби бор эди: ҳарҳолда жигарини, пушти камарини мусофирликларда хор қилиб қўймай вояга етказган одамнинг ўлимига сабабчи бўлди. Йўлчивой уни шоҳид эмас, балки қотил деб билар, нафратланар? «Нафратланармикин? — Жаҳонгирнинг кўнглига шу савол келди. — Нафратланганида йўқлаб келармиди? Ё онаси юбордими? Мен қотил эмасман, деб айтиб қўяйми?»

Жаҳонгир бу гапни айта олмади. Оғзини очди-ю, овози чиқмади.

«Бошингизга тушган савдоларни милисахонада айтишди. Бир бошга шунчалара кулфат етар. Қотилни кўрган бўлсангиз, айтинг, бағримизга қайтинг», Йўлчивой шундай демоқчи эди, уйдан чиқаётганидаёқ шу гапларни айтаман, деб қарор қилган ҳам эди, аммо айтолмади. Отасининг мўлтиллаб турган кўзларига қараб гапиролмади. Ноқулай жимликдан қутулиш учун халтани очиб, косани олди.
— Аям бериб юбордилар, — деди Йўлчивой коса устидаги нонни олиб.

Жаҳонгирнинг димоғига таниш ҳид урилиб, энтиктириб юборди: мошкичирининг ҳидими? Хадича унинг қандай таомни хуш кўришини, кун ора мошкичири қилиб берганларини унутмабди-да?
— Аянгиз эсонмилар? — деди Жаҳонгир титроқ овозда.

Йўлчивой унинг ҳаяжонини тушунди. Аясининг «у киши мошкичирини хуш кўрардилар, ўзим пишириб берай», деган гапларини эслади.
— Дуо деб юбордилар.
— Аянгизнинг дуоларини олаберинг, кам бўлмайсиз.

Улар яна жим қолишди. Сўнг Йўлчивойнинг қистови билан Жаҳонгир қошиқ учида мошкичиридан «насиба» деб оғзига солди. Бироқ ютиши қийин бўлди. Ич-ичида тўлқин ураётган йиғи бир чимдим овқатнинг ўтишига аранг йўл берди.

Йўлчивой узоқ ўтириш беморни толиқтириб қўйиши мумкинлигини фаҳмлаб кетишга изн сўради.
— Аянгизга дуо денг, — Жаҳонгир шундай деб ўғлига тикилиб қолди. — Яна бир гапни айтинг, — Жаҳонгир бу гапни айтишга қийналди, кўзларини олиб қочди. — Иймони бутун, муслим йигитсиз, сўзларимга тушунасиз... Аянгизга айтингки, у кишининг гуноҳлари йўқ. Банданинг олдида ҳам, Оллоҳ олдида ҳам бокиралар. Мусофирликда турмуш қурганларида бошлари очиқ эди, мен бунда юриб, орқаларидан талоқ қилиб эдим. Кўнгуллари кирланмасин, айтинг. — Жаҳонгир шу гаплардан сўнг кўзларини юмиб олди, мижжалари ҳар қанча жипслашмасин, томчи ёш сизиб чиқишга йўл топди.

Тунда ухладими, алаҳсирадими билмайди. Эрталаб ҳамширалар киришгач, сал ҳушини йиғиштирди. Улар чиқиб кетиб, эшик оғзида оқ халатли одам кўринганда дастлаб уни танимади. Танигач, «Аввал эски ошнамни топиб рўпара қилди, кейин ўғлимни... энди нима ҳунар кўрсатаркин», деган хаёлда қаддини бироз кўтарди.

Рамазонов сўроқ қилиш ҳадисини олмаган эди. Айниқса, бемор одамни дафъатан сўроққа тутишни ўзига эп кўрмай тараддудланди. Агар у тўғридан-тўғри сўроқ бошлаганида Жаҳонгир ажабланмаган бўларди. Терговчининг ёғоч курсига ноқулай ўтириши, сўроқни дарров бошламаётгани аксинча уни таажжублантирди.

Рамазонов чўнтагидан «Казбек» чиқариб, бир дона папиросни лабига қистирди, сўнг қутини Жаҳонгирга узатди. «Чекмайман», деди Жаҳонгир.
— Яхши қиласиз, мен ҳам чекмас эдим, урушда ўргандим, — деди Рамазонов, кейин папиросни қайта қутига солди, — дарвоқе, бу ерда чекиш мумкинмасдир, а?.. Сиз партизанлар отрядида жанг қилган экансиз, қайси ерларда бўлгансиз?
— Белоруссияда, Брянск ўрмонларида.
— Мен у томонлардан ўтмаганман. Сталинграддан Одергача бордим. Украинада партизанлар билан кўришдик. Йигитлар айтиб беришган, партизанларга оғир бўлганини биламан. Биз-ку, рўпарамизда фритс борлигини билардик. Олға, янчиб ташлансин, деган буйруқ олсак, бас. Партизанларнинг эса чор атрофида фритс.
— Бу гапларни менга нима учун айтяпсиз? Буни қотилликка дахли йўқ. Сўрайдиганингизни сўранг.
— Дайдидарадаги иш бўйича маёр сўрайди. Мени сизнинг ўтган ҳаётингиз, дўст-биродарларингиз қизиқтиради.
— Менинг дўст-биродарларим йўқ.
— Унчаликмасдир. Масалан... Толибжон Тўхтасинов ким эди? Ё уни танимайсизми?

Жаҳонгир аччиқ кулимсиради.
— Толибжондан гумон қилмай қўяверинг... У бечоранинг жасади Алмонияда қолган...

Жаҳонгир шундай деб кўзларини юмди. «Толибжонни нимага суриштиряпти? Ё Туркосштелленинг ювиндиларини сузиб олмоқчими? Толибжонни Сотти отиб ташлаганини қирқ тўртинчи йилда айтган эдим-ку? Буларнинг мақсади нима ўзи? Қотилни аниқ билсам эдим, энди айтардим, қутулиб қўя қолардим. Орқасидан кўрган бўлсам, аниқ ўша эдими ё йўқми — билмасам, гумон билан бир одамни абгор қилиб гуноҳга ботайми? Гумонни айтган тақдиримда булар ишонадиларми? Ўғлимни кўрдим, Хадича ҳам Худога шукр, тирик экан. Менга яна нима керак? Тирик қолиб нима каромат кўрсатаман? У одамнинг акамда нима қасди бор экан, билмайман. Лекин менинг қасдим ҳам бор эди-ку? Нима учун яшашни истаб қолдим? Мени шайтон йўлдан уряпти. Сўзимдан қайтсам — Худо ургани шу бўлади. Бу ҳийлагарлар мендан нимани исташяпти? Мақсад Дайдидара эмас, бошқа. Жасади бегона юртда қолиб кетган бир бечорани нимага эслаб қолишди?»

Жаҳонгир партизанлар отряди командирининг хатини Рамазонов ўқиганидан бехабар, Толибжон билан шунчаки қизиқаётганини билмайди. Жаҳонгирда уйғонган озгина саросимани ҳам Рамазонов илғаб, «Бунда бир гап бор шекилли?» деб қўйди. «Мен қотилман, деб туриши бежизмасдир, балки? Хоинлиги очилса, Ватан хоини сифатида отилишдан кўра, қотил сифатида отилишни афзала кўраётгандир? Бу одам хоинлик қилиши мумкинми? — Рамазонов Жаҳонгирга тикилди-да, «мумкин», деган хулоса чиқарди. — Бу жамиятда адолат топмади, фақат эзилди, шу алам туфайли фашистларга хизмат қилган бўлса қилгандир. Кейин... қўрққанидан бош эгиб келгандир. Агар шундай бўлса... ўзим отиб ташлардим буни...»

Рамазоновнинг хаёлини ёритган бу фикр асабини қўзғади. Яқиндагина «кўп азоб чеккан экан», деб ачингани бу одамга нафрат билан қаради. У урушдан қайтганида дўстларига «Сталинграддан Одерга қадар Азроилни опичиб юрдим, истаган пайтида жонимни суғуриб олиши мумкин эди», деб ҳазиллашарди. Ҳар қадамида ўлим чоҳига тортилиши мумкинлигини билиб жангларга кирган одамнинг хоинга ёки сотқинга нисбатан нафратини четдан туриб қоралаш ноинсофлик ҳисобланади. Боз устига Рамазоновнинг бу дамдаги нафрати ўткинчи, Муҳаммадризаевни хоинликда айблашга асоси йўқлигини ўзи ҳам сезиб турарди. Яшин нури заминни бир зумгина ёритгани каби, гумондан уйғонган нафратнинг кучи ҳам узоққа бормайди.
— Толибжон Тўхтасинов сиз билан партизан отрядида бирга бўлган. Германияга қандай бориб қолган? — деб сўради Рамазонов, кўзини юмиб ётган Жаҳонгирдан.

Жаҳонгир кўзини ярим очиб, унга қаради. «Билмайдими, ё мени лақиллатмоқчими?» деб ўйлади.
— Ҳамма гапларни қирқ тўртинчи йилда айтганман. Ҳужжатларга тиркалган.

Жаҳонгир шундай деб яна кўзини юмди. «Толибжондан хавфсираяптими? Толибжоннинг қайси иши уларнинг тинчини олди?» Жаҳонгир хаёлан яқин ўтмишга қайтишга мажбурият сезди.

Улар баҳорда иссиқроқ ўлкалардаги қамоқхонага жўнатилаётган Исломхон билан хайрлашишди. Баҳорнинг ёмғирли кунлари адо бўлгач, дарахта кесишни ҳам бас қилдилар. Сўнгсиз ўрмонзорнинг қоқ ўртасида нима учун дарахт кесганлари шунда маълум бўлди: бу ерда завод қуриларкан. Уларнинг қилмаган ишлари қолмади: ер кавлашди, ғишт ташишди, қоришма қоришди... Толибжон ўтган кунларни эринмай санарди. Озодликка чиққунига қадар қолган йилларни, ойларни, ҳафталарни, кунларни, ҳатто соатларни ҳисобларди. Ёруғ оламда бўлаётган воқеалар ҳақидаги саросимали хабарлар ўрмонлар ошиб, тиконли сим тўсиқлар ошиб маҳбуслар қулоғига етиб келарди. Тебраниб тургана нотинч дунёнинг эрта-индин портлаб, аланга олишига барчанинг ақли етарди. Дунёнинг қачон портлаши ҳақида турлича тахминлар қилишарди. Завод қурилишининг сусаймаётганига қараганда портлашга пича вақт бор эди. Лекин қиёмат кутилмаганда барвақт бошланди. Уни маҳбуслар соқчиларнинг хавотирли қарашларидан, бошлиқларнинг беҳаловат юришларидан сезишди. Заводда қурилиш ишлари тўхтатилиб, ўрнатилган жиҳозлар қайта кўчирила бошлангач, хавотирлар бежиз эмаслиги билинди. Кўп ўтмай портлаш овозлари қулоққа чалинди. «Уруш бошланибди», деган хабар бир зумда барчага аён бўлди. «Энди нима қиларкинмиз?» деган саволга жавоб топишга улгуришмай осмонни бир тўп чигирткамисол самолётлар босдию қиёмат бошланди.

Ярим соат ичида қарийб уч йил давомида қад ростлаган завод бинолари ҳам, улар яшаган ёғоч уйлар ҳам, тиконли сим тўсиқлар ҳам яксон бўлди. Боши мажақланган, қўли ёки оёғи узилиб кетган одам жасадлари, ёнаётган уй харобалари бу ярим соатлик қиёматдан хотира бўлиб қолди.

Жони фойдага қолган маҳбуслар «самолётлар ҳозир яна қайтади», деб ўрмондан паноҳ излаб қочдилар. Бир мўъжиза билан қиёмат оловидан омон чиққан соқчилар уларга эътибор ҳам бермадилар. Жаҳонгир Толибжоннинг билагидан ушлаб, бошқалар каби ўрмон сари югурди. Қийшайиб ёнаётган минора ёнидан ўтишаётганда чап қўлига тиралиб туришга уринаётган кекса маҳбус «Биродарлар, мени ташлаб кетманг», деб илтижо қилди.
— Профессор-ку? — Толибжон шундай деб уни қўлтиғига кириб кўтарди.

Қўшни баракдаги бу қарияни Толибжон ҳурмат қилар, иш чоғида ҳам оғирини енгил қилишга интиларди. Жаҳонгир унинг олим бўлганини, бу ерга ўзи ҳам билмаган сабаб билан келиб қолганини Толибжоннинг гапларидан биларди.

Улар ҳолдан тойгунча юрдилар. Профессор оёғидан яралангани боисидан уни икки қўлтиғига кириб деярли кўтариб боришди. Камбағалнинг ҳовлисидек келадиган ялангликка чиқиб тўхташди.
— Энди қаёққа борамиз? — деди Толибжон Жаҳонгирга қараб. Профессор ўзбекчани билмаса ҳам, гап оҳангидан савол мазмунини уқди.
— Агар немислар бостириб келишаётган бўлса, шарққа қараб боравериш керак, у ёқда ўзимизникилар, — деди у.
— Ўзимизникилар? — деди Толибжон ўйланиб. — Ўзимизникилар яна қамоққа тиқишмайдими?
— Ҳарҳолда шу ёққа қараб боравериш керак, — деди Жаҳонгир. — Балки уйимизга етиб олармиз?

Қўлбола ясалган замбилга профессорни ётқизиб, йўлни тусмоллаб юраверишди. Эртасига кунботарда бир қишлоқдан чиқишди. Жаҳонгир Толибжон билан профессорни бутазорда қолдириб, ўзи қишлоқ томон юрди. Кўп ўтмай қўлида яримта нон, учта тухум кўтариб қайтди.
— Уруш бошланганига ярим ой бўлибди, — деди у, — немислар яқинмиш. Кеча бу ердан чекинаётган қизил аскарлар ўтишибди. Профессорни олиб қолишга кўнишмади. Қамоқдан чиққанимизга қўрқишяпти. Лекин, бу ердан йигирма чақирим юрсак, бир қишлоқ бор. Қамалгунимга қадар мен ўша ерда яшаганман.

«Қаерда, нима учун яшагансан», деб суриштириб ўтиришмади. Нон билан тухумни бўлишиб еб, қоронғи тушгунча йўл босишди. Жаҳонгир яшаган қишлоққа эртаси куни пешинга яқин етиб боришди.

Остонада ўтирган Григорич билан кампирни Жаҳонгир узоқдан кўриб «хайрият», деб қувонди. Григорич уларни аввалига чекинаётган аскарлардир, деб ўйлади. Кейин Жаҳонгирни таниб, ҳайратдан ёқасини ушлади.
— Сени узоқ кутдик, хавотир олдик, — деди чол профессорни уйга ётқизиб чиққач, — уч кун олдин кизимкани катта йўлга кузатиб қўйдим. Чекинаётган аскарлар, одамларга қўшилиб кетди. Шу баҳонада уйига етиб олади. Келишингни юраги сезган экан, сенга бир гап айтиб кетувди. Опангнинг омонатини олибди, рози бўлармишсан. Худо хоҳласа омонатингга хиёнат қилмас эмиш.

Жаҳонгир Ойнисанинг мақсадини тушунди. Бошини чангаллаб, индамай ўтирди.
— Григорич, профессорни сизникига ташлаб кетамиз. Яхши одам у. Туҳматга учраб қамалган, — деди у узоқ давом этган сукутдан сўнг.
— Яхшими-ёмонми, у ҳам бир одам, — деди чол. — Қараймиз, умри узоқ бўлса, тузалиб кетади. Насибаси қирқилган бўлса, чорасизмиз. Сен ўзинг нима қилмоқчисан?

Жаҳонгир жавоб ўрнига бош қимирлатди.
— Кетолмайсан. Катта йўлларга немислар етиб келгандир. Шу ерда кут. Немислар келса ҳам сенга тегишмас. Болшевик эмассан. Қувғин қилинган одамсан. Шеригинг ҳам қолаверсин.

Чолнинг маслаҳати Толибжонга маъқул келмади.
— Бу ерда қолсак, сотқин деган тамғадан умрбод қутуламаймиз, кетамиз, — деди.

Қоринни тўқлаб, кийимларни алмаштириб, йўлга тушишди. Ўрмонни паналаб юриб, немисларга дуч келишди. Улардан беркинамиз деб, ўрмонга ичкарилаб, йўлдан адашиб, очликдан ўлар ҳолга тушганларида қуршовдан чиқишга уринаётган аскарларга дуч келишди. Ўзларини Ўзбекистондан Белоруссияга тажриба ўрганиш учун келган чорвадорлар деб таништиришди. Командир пешонасида ёзуви бор Жаҳонгирга ишонқирамай қараб қўйди, аммо индамади. Улар қуршовдан чиқолмай, ўрмон ичкарисига қароргоҳ қуришди. Шу зайлда партизанлик ҳаёти бошланди. Жаҳонгирнинг мерганлиги, довюраклиги аён бўлгач, командир қарашларидаги хавотир, ишончсизлик йўқолди.

Бир куни кичкина гуруҳ билан кетишаётганда Жаҳонгир Толибжонга:
— Булар бизга энди ишонишди, сездингизми? — деди.
— Буни-ку, сездим, — деди Толибжон. — Лекин бошқа нарсани ҳам сезиб юрибман.
— Нимани?
— Иккимизни бошқаларга қараганда кўпроқ юборишяпти бунақа жангларга. Нимагалигини биласизми?
— Нимага?
— Биз буларга бегонамиз. Ўлса ҳам шулар ўлсин, дейишади.
— Ундаймасдир, — деди Жаҳонгир. — Кўпга келган тўй...
— Биласиз-ку, мен ҳамма нарсани ҳисоб-китоб қилиб юраман.
— Худонинг ўзи асрасин бизни, урушдан кейин бир парча қоғоз ёзиб берса, юртимизга ёруғ юз билан қайтсак бас.

Толибжон «бунча соддасиз», дегандай кулимсираб қўйди. Бир нафаслик бу кулимсираш Жаҳонгирнинг хотирасига михланиб қолган экан. Кейинроқ пистирмага дуч келишганда ҳам, немис қамоқхонасига тушганида ҳам, сўнг «Туркистон легиони» деб аталмиш қўшинга борганида ҳам бу истеҳзоли кулимсирашни тез-тез эслади.

Бир куни кутилмаганда Соттини учратиб лол қолганида ҳам Толибжон худди шундай кулимсиради.
— Болшевикларга ҳам, фашистга ҳам хизмат қиладиган тоифа кўп. Бу раисингиз битта бўлса экан, ажаблансангиз. Бизнинг бошимизга кимлар бало ёғдирди. Шунақалар-да. Эслайсизми, Исломхон бир байт айтган эди: «Қаерда гул бўлса — унда асалари бор, қаердаки фойда чўғи бўлса — унда ёвузлик алангаси бор». Кимнинг байти эди?
— Ёдимда йўқ, Бедилники бўлса керак.
— Ким бўлса ҳам тўғри айтган. Биз ана шу ёвузлик алангасида қовриляпмиз.

Туркистон қўшинига тушган Сотти Жаҳонгирни кўрибоқ «Мени Худо урди», деб ўтакаси ёрилди. Лекин биратўла қўрқув чодирига бурканиб олмади. Унинг ҳийласини кўрганда ҳатто шайтон ҳам ҳайратдан ёқа ушларди. Соттининг биринчи ҳийласи — Жаҳонгирни кўриши билан қўрқувни енгиб, орада ҳеч нима бўлмагандай уни қучоқлаб олди. Жаҳонгир унинг қўлларини қайириб, итариб ташлаб, сўнг калла қўйиб оғзи-бурнини қонатганда ҳам «Тавба қилдим, Жаҳонгиржон», деб эланиб тураверди. Унга қараб Жаҳонгир Даминнинг гапини эслаган эди: «Бу ҳаромини туғилганда чўмилтиришган экан, ўшанда тоғорадаги мағзавани илон ичиб ўлган экан...» Бу — Дамин тўқиган гап.

Кунлар, ҳафталар, ойлар ўтаверди. Толибжон «қачон жангга ташлашар экан бизни», деб бетоқатланарди. Жаҳонгир унинг мақсадини билиб турарди. Жанг баҳонасида ўтиб кетиш, юртга тиғ кўтарган деган лаънат тамғасидан қутулиш — унинг ҳам нияти эди.

«Ҳатто пода ҳам кеч кирганда уйига қайтади. Биз-чи, биз подадан ҳам баттармизми?» Толибжон шундай деган куннинг эртасига Сотти билан ёқа бўғишиб қолди. Шунчаки муштлашиш бўлиб туюлган тўқнашув тўппончаларни ғилофдан чиқариш, бир маъсум ва бир малъун жоннинг сўниши билан тугади...

Жаҳонгир Толибжоннинг қонини шимиб олган тупроқни қириб, рўмолчасига тугди. Немислар берган ёлғон ҳужжатга кўра «Оғир яраланиб, истеъфога чиққан аскар» қиёфасида юртига жосус сифатида қайтгач, Толибжоннинг қишлоғига борди. Онаси ҳаёт экан, шу тупроқни кўзларига суртиб, аза очди. Тупроқни ўз кафани — ўша рўмолчага ўроғлиқ ҳолда қабристонга элтдилар, жаноза ўқидилар. «Партизанликда шаҳид кетди», деган шум хабар она юрагидаги умидни ўлдиргани ҳолда, оғир тошни ҳам кўчирди. Жаҳонгир етказган хабар уни «Душман онаси», деган лаънат тошидан қутқарган эди.

Жаҳонгир қисқа муддат ичида мана шуларни эслаб, «Толибжон бегуноҳ банда эди, ҳамма ҳужжатларни, хотираларни титиб чиқишса ҳам уни айблаша олмайди», деган қарорга келди. У Рамазоновнинг кейинги саволига жавоб бермади. Кўзини юмиб ётаверди. Капитан ноўрин ташриф буюрганини англаб, афсусланди-да, ўрнидан турди.

«Хитой дўхтур»

Капитан Рамзиддин Рамазонов Жаҳонгирнинг ўтмишини ўрганаётган чоғда маёр Санжар Солиҳовнинг Қирқбел қишлоғига боргани, сўнг марҳумнинг яқинлари билан учрашгани ҳақида.

Маёр Солиҳов депара ички ишлар бўлимига кириб, ажабланарли янгилик эшитди: капитан Жабборов жумҳурият прокуратурасига ишга ўтибди. Бегуноҳ одамларни асоссиз айблаб қамашдаги гуноҳлари учун яқиндагина вазифасидан пастлатилган одамнинг яна чўққи сари парвози ажабланарли ҳол эди. Йиғлаётган гўдакни овутиш учун ширинлик кўрсатилади, бола овуниши билан ширинлик жойига қўйилади. Худди шунга ўхшаб ҳақиқат қарор топяпти, деб жар солинди-ю, эски ҳаммомга эски тос билинтирмай олиб кириб қўйилибди. Барча чириган тослар жойига қайтариладими ё биттаси истисно бўлдими — бу Солиҳов учун ҳозирча муаммо. Жабборовнинг яна масъул вазифага кўтарилишидан тушундики, ишларида шакл бироз ўзгаради, мазмун эса аслича қолаверади. «Одамлар бизга ишонишмас эди, бизни ёмон кўришарди, — деб ўйлади Санжар Солиҳов, — гуноҳкорларга жазо бериб, бегуноҳларни озод қилиб, эндигина ишонч уйғотаётган эдик. Энди яна лаънат тошлари остида яшарканмиз-да»... Истисно дегани хатарли бўлади. Бир одам учун истисно тариқасида игнадек тешик очилади. Сўнг иккинчи истиснога ҳожат сезилади. Қарабсизки, игнадек тешик катталашиб, карвонсаройнинг дарвозасига айланади — ундан ит ҳам, эшак ҳам ўтаверади. Жабборов учун қилинган истисно келажагини Солиҳов шундай тасаввур этди.

У Қирқбелга ёлғиз ўзи йўл олди. Илгариги боришида Жабборов билан нохуш суҳбат қургани, йўл лой бўлгани учун кўнглида хиралик қолган эди. Бу сафар йўл лой эмас — ҳаммаёқ оппоқ қор, ёнида ёқимсиз одам ҳам йўқ. Ҳавонинг тозалиги, қорнинг ғирчиллаши нохуш янгилик туфайли кўнглида уйғонган ғашлик олови тафтини бир оз босди.

Бурнига кўзойнак қўндириб олган Дамин танчада китоб ўқиб ўтирарди. Хонага печ ўрнатилмаган, ойнаги синган дераза кўзига газета ёпиштириб қўйилган. Дамин ўрнидан туриб, уни қаршилаб, танчада ўтиришга таклиф қилди. Сўнг ўтхона ёнидаги чойнакни олиб, чой қуйиб ўзатди-да:
— Шеригингиз қани? — деб сўради.
— Шеригим... — Солиҳов ҳозир эшитган янгилиги бу одамни ловуллатиб юборишини англаб, ёлғон гапирди, — иши чиқиб қолди.
— Олиб келмаганингиз яхши бўлибди. Қараши хунук эди.
— Мен ошнангизни сўрайсиз десам, шеригимни суриштириб қолдингиз?
— Ошнамнинг иши яхшилик томон юз бурганини келишингиздан сездим. Иши ёмон бўлса келмас эдингиз. Яна нималарни сўрамоқчисиз мендан?

Солиҳов чўнтагидан суратларни чиқарди.
— Шуларни танийсизми? Диққат билан қаранг: уларни ёшлигида кўрган бўлишингиз мумкин?

Дамин суратларга қайта-қайта разм солиб, Муродилланинг расмини ажратди.
— Тепабелда бир йигит бўларди. Чамамда Оламгир аканинг улфатларидан эди. Ўшанга ўхшайди.
— Ҳозир қаерда у?
— Ўша пайтда четга ўтиб кетган.
— Бирон белгиси бормиди?
— Қанақа белги?
— Масалан, чандиғими, холими? Оламгир акани оқсар эди, девдингиз, эсингиздами?

Дамин ўйланиб туриб деди:
— Белгисини билмайман... Оламгир акани топдиларингизми?
— Топдик. Дайдидарада шу одамни ўлдириб кетишган. Ошнангиз акаси эканини яшириб, «Мен ўлдирдим», деб туриб олибди. Шунисига ҳайронмиз. Ака-ука орасида бирон гап ўтганмиди?

Дамин кўзойнагини қўлига олиб, дераза оша ташқарига қараб ўйга толди.
— Жаҳонгир акаси ҳақида ёмон сўз айтмаган сира.
— Пешонасидаги ёзув-чи?
— «Алқасосу минал Ҳақ»ми? Акасига тегишли деб ўйлаяпсизларми? Мен буни хаёлимга келтирмаган эканман. Ноҳақ қамаганларга аталган гап, деб юрарканман.
— Бизни бир нарса ажаблантиряпти. Ҳарҳолда ака-ука Дайдидарага бекорга боришмаган.
— Жаҳонгир ҳар келганида Дайдидарага бир борарди. Қамалмасидан бурун ўша ерга уй қуриб чиқаман, шу ерларни боғ қиламан, дерди. Охирги қамоқдан чиқиб келиб ҳам шунақа деган. «Уйимизни колхоз энди омборхона қилибди, ўлигим кўчада қолмасин. Менам аждарқоянинг паноҳида ётай», девди.
— Дайдидара четроқда-ку? Нима учун айнан ўша ерда уй қурмоқчи бўлган?
— Бир сўраганимда «баҳаво жой», деган. Баҳаволикка баҳаво. Отаси раҳматли ўша ерда сайл қилиб, меҳмон кутардилар. Жаҳонгир уй қураман, деганида отаси тирик эди. Уй қуриб чиққанида, ўша ерлар ҳам обод бўлиб кетармиди...
— Дайдидарада ўша куни бирор киши овга чиқиши мумкинмиди?
— Бе, у ерда нимани овлайди? Ов қиладиган одам бу ердан учта тоғни ошиб ўтиши керак. Илгари каклик ови бўлиб турарди. Энди у ҳам йўқ.
— Сиз саволимга жавоб бермадингиз, бироз чалғиб кетдик. Ака-ука нима учун Дайдидарада учрашишган? Бу учрашув тасодифий бўлмаган. Жаҳонгир Муҳаммадризаев сиз билан хайрлашиш учун атайин уйингизга келган.

  

— Ҳа, гапингиз тўғри. Кўнгли ғаш эди, менинг кўнглим ҳам бир нимани сезувди. Саволингизга жавоб бера олмайман. Сабабини Жаҳонгирнинг ўзи айтиши мумкин. Лекин у ўжар одам, лозим топмаса айтмайди. Отиб юборсангиз ҳам айтмайди.
— Агар қотилни топмасак, отилиши мумкин.
— Нега энди отаркансиз? Бекордан бекорга-я?!
— Қотил топилмаса...
— Нега топилмас экан, топинг!
— Қидиряпмиз. Сиз аччиқланманг. Бекор ўтирганимиз йўқ. Ошнангизни қўйиб юбордик. Ҳозир тоби йўқ, шифохонада ётибди.
— Унга нима бўлди?
— Юраги чарчаган шекилли, Хуллас, биз унга хотини, ўғлини топиб бердик.
— Хадича тирик эканми? Жаҳоннинг ўғли йўқ эди-ку?
— Ўғли йўлда туғилган. Оламгир Хадичага уйланган. Болани катта қилган...
— Ё, Парвардигор!.. — Дамин шундай деб ёқа ушлади. — Ё қудратингдан, ўзи биладими шуни, кўрдими уларни?
— Ўғлини кўрди. Хадичани орқасидан талоқ қилганман, дебди.
— Ана, кўрдингизми? — Дамин шундай деб хитоб қилиб, оёқларини танчадан чиқарди-да, чўккалаб ўтириб олди. — Фаросатига қойил қолдингизми? Битта гап билан Хадичасини гуноҳлардан фориғ қилиб юборибди.
— Бир-икки кунда шифохонадан чиқади. Турган гапки ўғлининг олдига бормайди. Бу ерга ҳам келмаса керак. Балки...
— Гапингизни тушундим. Бугун-эрта тушиб бораман. Уч-тўрт кун уйида тураман. Кейин зўрлаб бўлса ҳам бу ерга олиб чиқаман. Йўқ... яхшиси Хадичасини ўзига никоҳлаб қўйиш керак.

Даминнинг гаплари Солиҳовга маъқул келиб, у билан хайрлашди.

Шаҳарга оқшомда қайтди. Идорасига боришдан аввал Жаҳонгирнинг ҳолидан хабар олиш учун шифо уйига борди. Навбатчи уни кутилмаган янгилик билан қаршилади:
— Беморнинг ўғли бир одам билан келди. Ўзининг айтишича хитойлик табиб экан. Бемор уни кўриб тикилиб қолди. Кейин аҳволи ўзарди. Табибни ўзига яқинлаштирмади.

Солиҳов «Хитойлик табиб экан», деган сўзни эшитиб, сергак тортди. Ёнидаги суратларни чиқариб, навбатчи табибга берди. У Муродилланинг суратини ажратиб, «шу киши» деди.

«Йўлчивой уни нима учун олиб келди? Мақсади нима? Жаҳонгир уни кўриб, нима сабабдан безовталанди?»

Маёр Солиҳов шу муаммо билан Жаҳонгир ётган хонага кирди.
— Ўғлингиз билан ким келди? — деб сўроқни бошлади.

Унинг фикрича энди қатъийроқ ҳаракат қилиш вақти етган эди. Шу сабабли гапни узоқдан бошлаб ўтирмади. Маёрнинг мақсадини Жаҳонгир ҳам тушунди. «Вақт ўтгани сайин уларнинг асаблари қақшайверади. Пичоқ суякка тақалибди. Энди лутфу карам қилиб ўтиришмайди» — Жаҳонгир шу тўхтамга келиб, жавоб берди:
— Табиб эмиш.
— Уни танимайсизми?
— Йўқ.
— Дамин ошнангиз танир экан.
— У айтаверади.
— Акангизни ҳам таниган эди. Акангизнинг ошнаси Муродиллани ҳам таниди.
— Дамин таниган бўлса танигандир, мен у одамни биринчи кўришим.
— Шундайми? — Солиҳов унга савол назари билан тикилди. Жаҳонгир бу қарашга дош беролмай, юзини бурди. Шунда маёр таваккал қилди: — Сиз уни олдин ҳам кўргансиз. Дайдидарада, бешинчи октябрда...

Солиҳовнинг гапи оғзида қолди.
— Йўқ.

Жаҳонгир жон ҳолатда шундай деб, титроқ қўллари билан юзини чангаллади.
— Йўқ, — деди яна хирилдоқ овозда.
— Учинчи одам ким эди? — деб сўради маёр унинг аҳволига парво қилмай.
— Билмайман.
— Сиз уни кўргансиз, айтинг!
— Кўрмаганман.
— Акангизни нима учун ўлдирган?
— Билмайман...
— Қасди бўлса, энди навбат оиласига етса-чи?
— А? — Жаҳонгир маёрга бақрайиб қараб қолди. У шундай бўлиши мумкинлигини ўйлаб кўрмаган эди. «Бу қанақаси?! Етдим деганимда йиқиламанми, улардан ажрайманми?» Шу фикрнинг ўзиёқ баданини музлатиб юборди.
— Начайник, мени бу ердан чиқаринг, — деди у ғўлдираб. — Уни ўзим топаман... ўзим ўлдираман...
— Йўқ, азизим, уни ўлдирмайсиз, кимлигини бизга айтасиз.
— Кимлигини билмайман... орқасидан кўриб қолдим.
— Муродилламиди?
— Ўшанга ўхшатдим.
— Акангиз билан Дайдидарада учрашишингиздан у хабардормиди?
— Билмайман.
— Сиз ҳеч кимга айтмаганмидингиз?
— Йўқ.
— Нима учун Дайдидарада учрашмоқчи эдинглар?
— Йигирма иккинчи йилда ечимсиз қолган гапимиз бор эди. Қанақа гап, деб сўраманг, сизга даҳли йўқ.
— Ҳарҳолда Дайдидаранинг танланиши қизиқ менга.
— Дайдидара — табаррук жой, — Жаҳонгир шундай деб пича сукут сақлади. — Авваллари қишлоқ оқсоқоллари ўша ерда кенгашиб ечимга келмаган масалаларни ечиб беришар экан. Оламни шаккок босиб, у ернинг табарруклигини ҳам унутишди. Дайдидарага Оллоҳнинг назари тушган. Ҳақиқат ечими фақат ўша ерда.

Солиҳовга бу изоҳ эриш туюлди. «Табаррук» деган тушунча билан гапни айлантиряпти, деб ўйлади. Жаҳонгирнинг титроғи бироз босилиб, хаёлга чўмганини кўриб саволни бас қилди.
— Эрта-индин Дамин ошнангиз келмоқчи. Бу ернинг табиблари рухсат беришса, уйингизга борасиз. Аммо... Менинг рухсатимсиз бир қадам ҳам босмайсиз, бошқага бир оғиз гапирмайсиз. Айниқса ошнангизга.

Солиҳов шундай деб чиқиб кетди. Хитой дўхтурнинг ташрифи, Жаҳонгирдаги ўзгаришдан, унинг гапларидан дастлаб лол қолди. Энди бироз фурсат ўтиб эса, тугунлар ечимини кўргандай бўлди. Чигал ишлар зимистон кўчаларга бошлаб гангитган чоқда милт этган чироқ ҳам одамнинг кўзига оламни ёритгучи қуёшдай кўринади. Муродилладан шубҳа қилмоқ учун Солиҳовда ҳали етарли асос бўлмаса-да, айрим нарсаларни синаб кўришни лозим топди. Шу мақсадда бош табиб хонасига қайтди.
— Муҳаммадризаевнинг ўғли «Отамнинг дардига даво берсин», деб хитойлик табибни бошлаб келган. У одам қандай шифо бериши мумкин? — деб сўради у.
— Уларнинг энг кўп қўллайдиган усуллари — игна билан даволаш. Баданда асаб ҳужайраларининг маълум нуқталари мавжуд. Хитойлилк табиблар ниҳоятда ингичка тилла игналарини шундай нуқталарга санчишади. Шу даво усули билан турли оғриқлар тўхтайди, қон босими мўътадиллашади. Хуллас, хитой табобати бу соҳада кўп мўъжизага эга. Афсуски, биз буни яхши билмаймиз. Аниқроғи, рад этиб келамиз.
— Ўша игна билан одамга салбий таъсир ҳам қилиш мумкинми?
— Қанақа салбий таъсир?
— Масалан... — Солиҳов ўйлади. — Масалан... одамни беҳуш қилиш ёки ақлдан оздириш...
— Мумкин. Гап ўша нуқтани топишда.
— Табиб шундай ҳаракат қилса, четдан туриб била оласизми?
— Йўқ, мен била олмайман.
— Мутахассис-чи?
— Унинг кўзини ҳам шамғалат қилиш мумкин.

«Агар учинчи одам хитой дўхтур бўлса, у Жаҳонгирни йўқ қилиш ниятида шу ерга келмадими, игналари билан уни йўқотишга уринмадими? Ё Муҳаммадризаевнинг тузалиб чиқишини кутадими?»

Солиҳов шу саволларга жавоб топиш учун сукутга берилди. «Учинчи одам учун Муҳаммадризаев хавфли бўлиб қолди. Муҳаммадризаев уни кўрган. Демак, учинчи одам ҳам уни кўриб қолган. У Муҳаммадризаевнинг қотилликни бўйнига олганини ҳам эшитган, очиқликка чиққанини ҳам билган. Ҳозир оёғи куйган товуқдай питирлаяпти. Хитой дўхтур яна келиб кўрармикин? Муҳаммадризаев уйига борса-чи?»
— Беморнинг аҳволи қалай, уни уйига жўнатиш мумкинми? — деб сўради Солиҳов аниқ қарорга келиб.
— Яна пича даволаниши керак.
— Уйида ётиб даволанса-чи?
— Агар зарур десангиз... илож қанча?
— Биз сичқон қопқонга қачон тушаркин, деб пойлай олмаймиз.
— Тушунарли. Уйига бориб хабар олиб турамиз.

Солиҳов бош табибга миннатдорчилик билдириб, хайрлашди. Идорасига бориб, тўғри Рамазоновнинг хонасига кирди. Капитан бир даста ҳужжатларни стол устига ёйиб олиб, бош қотириб ўтирарди. Солиҳовни кўриб, ўрнидан турди.
— Катта йўқладилар, — деди у. — Янгиликни эшитгандирсиз?
— Жабборовними? Эшитдим. Бизга осилмаса эди, деб турибман. Бир-икки оғир гап айтган эдим, бунақа одамлар кекчи бўлишади.
— Осилишни бошлабди. Муҳаммадризаевни озод этганимиз учун танбеҳ берибди. Қамоққа олишни буюрибди.
— Шу ермай турувди, — Солиҳов шундай деб шошилиб чиқди. Аввал вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғига, сўнг вилоят прокурорига вазиятни тушунтиргач, Жабборовнинг буйруғи бекор қилинди. Солиҳов бироз енгил тортиб чиқаётганида прокурор уни тўхтатди:
— Қирқбелда бир одам жамиятни ҳақоратлаганда сиз жавоб бермабсиз?

Солиҳов ғижиниб, бўлган воқеани қисқача баён қилди.
— Сиз тажрибали одамсиз. Бунақа шароитда ўзингизни қўлга олишингиз шарт. Ёнингизда ким борлигини ҳам унутмаслигингиз керак. Бу масалага кейинроқ яна қайтамиз.

Солиҳов прокурорнинг хонасидан асабийлашиб чиқди. Жабборовнинг яна юқори мартабага қайтиши, ғаламислигини бетўхтов бошлаши уни умидсизлик жари сари етаклаган эди. Ишга бундай бемаврид аралашишлар илгари ҳам тез-тез учрар эди. Қотил қўлга олинай деганда иш тўхтатилсин, деган буйруқ бошларига гурзидай урилиб, товонларига қадар зириллатиб юборарди. Ёки, аксинча, шубҳа остидаги одамнинг беайблиги исботланай деганда, ишни судга оширишга мажбур этишар эди. Шундай онларда ўзларини ҳақиқат учун курашувчи деган солиҳовлар темир қафасда наъра тортаётган йўлбарс ҳолига тушар эдилар. Чоралари йўқ эди унда. Энди яхши кунлар юз очиб, яхшилар қафас қулфига калит солган эдилар, қафасни очамиз, адолатни эркин қуш каби мовий осмонга учирамиз, деб эдилар... Калит қулфга солинди-ю, буралмади... адолат қуши ҳам, ҳақиқат йўлбарси ҳам танг аҳволда қолаверди.

Солиҳов идорага қайтганида капитан Рамазонов уни бетоқатланиб кутар эди.
— Сиз ҳозир уйингизга бориб, дамингизни олинг. Эрталаб Тепабелга жўнайсиз. Раҳматуллаевни билган одамларни топиб, гаплашасиз. Кейин Қирқбелга ўтиб, Дамин Эралиевни бошлаб келасиз. Муҳаммадризаевни эртага уйига қайтарамиз. Энди бу ёғига мушук-сичқон ўйини бошланади. Биз сичқон деб ўйлаётганимиз тулки бўлиб чиқиши ҳам мумкин. Эртага эрталабдан Муҳаммадризаев уйи доимий назоратга олиниши керак. Аслида илгарироқ назорат қилишимиз лозим эди.

Солиҳов гап тамом, дегандай стол устига кафти билан уриб қўйди.
— Асосий гумон марҳумнинг яқинларига қаратиладими?
— Сизда бошқа фикр борми?
— Муҳаммадризаевнинг яқинлари-чи? Туркистон легионида орттирган дўстларини билмаймиз-ку?
— Ҳозир сиз билан икки қирғоққа ўтириб олиб баҳслашишга фурсат йўқ. Таваккал қиламиз: қотил кимнинг яқини бўлишидан қатъи назар Муҳаммадризаевни ўлдиришга ҳаракат қилади. Унинг бошқа чораси йўқ.
— Муҳаммадризаевни қурбон қилиб, оғзимизни очиб қолмаймизми?

Солиҳов окапитанни чуқур мулоҳаза юритгани учун яхши кўрарди. Мулоҳаза дегани ҳаддан зиёд чуқурлашиб кетса ҳам бўлмас экан — Солиҳов қўпол тарзда жавоб қайтарганини ўзи ҳам сезмай қолди:
— Оғиз очиб, чапак чалиб қолмаслик учун камроқ гапириб, кўпроқ ўйлаш керак.

Капитанга бу гап ғоят малол келди. «Мен билан бундай муомала қилманг», демоқчи бўлди-ю, гап чувалашиб кетиши мумкинлигини фаҳмлаб тилини тийди. Осойишталикнинг ягона йўли ҳам шу — бир томон жириллаганида иккинчи томон оғирликни бўйнига олмоғи даркор.

Солиҳов марҳумнинг уйига ҳозир борсамми ё тонг саҳардами, деб иккиланди. Охири, кеч бўлса ҳам ҳозир бориш шарт, деган қарорга келиб, ўрнидан турди. Кўчага чиқиб «казбег»ини тутатаётган Рамазоновни кўрди-да, унга яқинлашди.
— Бизнинг ишимизда шунақа ноҳақликлар ҳам бўлиб туради, мендан ранжиманг, — деб хайрлашди-да, эски шаҳар томон юрди.

Дарвозанинг тақиллашидан чўчиб уйғонган Йўлчивой Солиҳовнинг овозини эшитиб, ҳам ажабланди, ҳам хавотирланди. Маёр дарвозахонага ўтиб, ичкари киришга унамади.
— Бемаҳалда безовта қилишимнинг сабаби бор. Иш тезлашиб кетди, — деди у узрли оҳангда. — Масалани тез ечмасак, отангиз қора курсига ўтиради. Сиз бугун Муродилла Раҳматуллаевни шифохонага бошлаб борибсиз. Уни сиз таклиф қилдингизми ё ўзи бориб кўришни ихтиёр қилдими? Ҳар бир гапни яхшилаб эслаб, аниқ жавоб беринг.

Ногаҳоний ташрифдан ва маёрнинг гапидан гангиган Йўлчивой ўйчанлик билан гап бошлади:
— Аям бетоблар. Муродилла амаким эрталаб хабар олгани чиқувдилар. Дадамни йўқлаганимни айтдим.
— У одамнинг янгиликдан хабари борми?
— Ҳа.
— Қачон хабар топган?
— Аям бетобланган куни... Сиз Сафарқул акани бошлаб келгандингиз.
— Муҳаммадризаевнинг қотилликни бўйнига олаётганини билармиди?
— Билардилар.
— Айби исботланмай, очиқликка чиққанини билганидан кейин нима деди?
— Сиз Муродилла амакимдан гумонсираяпсизми?
— Савол бермай, жавоб қайтаринг. Нима иш қилишни биз ўзимиз яхши биламиз. Демак, нима деди?

Йўлчивой ўйланиб, елка қисди.
— «Отанг хаста бўлса, бориб кўриб қўяйми», дедилар, холос. Хўп, дедим, олиб бордим.
— Сиз бу одамни неча йилдан бери танийсиз?
— Эсимни таниганимдан бери.
— Бугун отангизга яқинлашмабдилар, эшитдим. Эртага яна олиб бориш керак.
— Нимага?
— Шундай қилиш керак. Менинг келганимни, айниқса, таклифимни билдирманг. Отангизнинг сиҳатидан безовта эканингизни айтинг. Кейин... гап орасида «Отам қотилни кўриб қолган эканлар», денг.
— Ростданам Муродилла амакимдан шубҳаланяпсизми?
— Ишимиз шунақа — ҳақиқатга шубҳалар орқали борамиз. Раҳматуллаев онангизга игна санчадими?
— Йўқ, аёлларга янгам қўядилар.
— Ҳарҳолда... иш бир ёқлик бўлмагунча қўйдирмай туринглар. Сиз ваҳимага тушманг. Лекин эътиборсиз ҳам бўлманг. Энди мен онангиз билан ҳам гаплашиб олишим керак.

Йўлчивой «Йўқ, деб чиқариб юборайми», деган хаёлда турганида Солиҳов унинг елкасига қўлини қўйди.
— Гаплашиб олишим муҳим. Энди мақсад фақат қотилни топиш эмас. Энди отангиз билан онангизнинг ҳаётлари ҳам қил устида бўлади. Бошқа қурбонга йўл бермаслик учун аниқ ва тез ҳаракат қилишимиз шарт...
— Юринг, — Йўлчивой шундай деб уни меҳмонхонага бошлади. Чироқни ёқиб Солиҳовни ичкари таклиф этди-да, ўзи онаси ётган хонага кирди.

Меҳмонхона ораста: ўртада хонтахта, атрофга гулли кўрпачалар тўшалган. Хонтахта устидаги неъматлар устига дастурхон ёпиб қўйилган. Солиҳов кўрпачанинг бир четига ўтирди. Бошига узун рўмол ташлаб, юзини тўсган Хадича ичкари кириб саломлашди.
— Янга, гапларимдан чўчимай, фақат тўғри жавоб беринг. Ўтмиш айбларидан қўрқманг. Энди Жаҳонгир Муҳаммадризаевнинг тақдирини ўйлашимиз керак. Уни биз қўйиб юборганимиз билан қотил тинч қўймас. Муҳаммадризаев қотил эмас, у асосий гувоҳ, жиноятчилар гувоҳлардан қутулишга ҳаракат қилишади.
— Вой шўрим, — деди Хадича. Солиҳовнинг бу гапидан сўнг, унинг назарида, бадбашара бир махлуқ Жаҳонгирнинг жонини суғуришга шайланган эди.
— Муродилла Раҳматуллаев йигирма иккинчи йилда сизлар билан бирга кетган, асли Тепабелдан бўлган, тўғрими?

Хадича дарров жавоб бермади. Ўғлига қараб олди. Кейин паст овозда «тўғри», деб қўйди.
— Кетиш манзарасини эсланг. Сиз ким билан йўлга чиқдингиз?
— Дадаси билан.
— Қайси дадаси?

Хадича нима деб жавоб беришни билмай тараддудланди.
— Оламгир Муҳаммадризаев биланми?
— Ҳа... Ака-ука масжидга чиқиб кетишган эди. Опам... овсиним кирдилар. Тез тайёрланинг, кетмасак мол-мулкимиз ҳам, ўзимиз ҳам ўртада бўлар эканмиз, дедилар. Бир сидра кийим олдик. Кейин дадаси келдилар... Дадаси бир юмуш билан бошқа ёққа кетган эканлар.
— Жаҳонгир Муҳаммадризаевми?
— Ҳа, шу киши... Изимиздан етиб борадилар, дейишди. Етиб келмадилар. Шумхабар етказдилар.
— Ким етказди?
— Шу... Муродилла ака.
— Раҳматуллаев сизларга кейин етиб келдими?
— Ҳа, уч киши эди улар. Йўлда аза очдик... Тирик эканларини кўнглим сезарди. Аммо чорам йўқ эди-да...
— Оламгир Муҳаммадризаев билан бу ҳақда кейин ҳеч гаплашмаганмисиз?
— Йўқ.
— Раҳматуллаев учинчи ё тўртинчи октябрда бу ерга келмаганми?
— Келганлар.
— Нималарни гаплашишган?
— Билмасам... гап пойлаш одатим йўқ.
— Гапларида, қарашларида ўзгариш сезмаганмисиз?

Хадича жавоб бермади. Ҳамиша чақчақлашиб ўтирувчи икки ошнанинг паст овозда гаплашаётганидан ажабланган эди. Хадича шум хабар етказгани учун Муродиллани ёмон кўриб қолган эди. Қашқарда яшаб юрганларида бир куни журъат қилиб эрига: «Шу ошнангиз камроқ келса эди, қараши совуқ», деган, бунга жавобан Оламгир аччиқланиб: «Мусофирликда қишлоғимнинг ити бўлса ҳам оға-ини тутинаман», деб эди. Оламгир бу ошнасидан чўчирмиди ё беҳад ҳурмат қилармиди, Хадича шуларни хаёлига келтирди-ю, бироқ «бегуноҳ одамни ёмонотлиқ қилиб қўймайин», деган истиҳолага бориб, тилига чиқармади.

Оқибат

Жаҳонгир шифохонадан чиққанидан кейин юз берадиган воқеалар.

Маёр Солиҳов кетгач, Жаҳонгир ўрнида ёта олмади. Туриб, дераза олдига борди. Симёғочдаги чироқ ёқиб қўйилган, атрофга ҳали қоронғулик чўкмагани учун чироқ ўлар ҳолда липиллаб тургандай кўринди. Қор учқунлари ҳам жонсиз — қўним топмай шамол ҳукмида учиб юрадилар. Шифохона ҳовлиси кимсасиз. Йўқловчилар кетиб бўлишган. Ҳамширалар кечки муолажани ҳали бошлашмаган.

Жаҳонгир кўзи ҳовлида бўлса-да, буларни кўрмайди, сезмайди. Маёр унинг кўзи олдида гўё ўқ ўтмас қалин парда осиб кетгандай. Жаҳонгир шу парда ортида нима борлигини, ким турганини кўрмоқ истайди. Маёр унинг бирданига бўш келганидан қувонди. У «Қасди бўлса, энди оиласига навбат етса-чи?» деган гапим таъсир қилди, деб ўйлади. Ҳа, тўғри, бу гапдан Жаҳонгир сесканди. Лекин маёр унинг юрагида шундан сўнг бир фитна уйғонганидан бехабар эди.

... Жаҳонгир акасининг мурдасини кўрибоқ «Қасос Ҳақдан бўлибди», деб ўйлади. У қочиб бораётган одамни узоқдан кўрди, танигандай ҳам бўлди. Шунга қарамай, қотилликни бўйнига олишига уч сабаб бор эди: биринчиси — асар давомида қайта-қайта эслаганимиз — бу ишни мен амалга оширишим лозим эди, деган қатъий ўй; иккинчиси — барибир менга ишонишмайди, деган фикр; учинчиси эса — бу ҳаётдан батамом тўйдим, деганг ишонч эди. Бутун илинжи — қасос унга раво кўрилмагач, энди яшашнинг ҳожати йўқ, деган қарорга келганди.

Кунлар ўтиб, воқеалар ўзгариб, ўғлини кўргач, ўзи сезмаган ҳолда гуноҳларига тавба қила бошлади: яшашни истаб қолди. Шу истак уни фитнага тортди. У озодлик шабадасини ҳис этгач, акасининг қотилини ўлдириш билан муродига етмоқчи бўлди. Қамоқда ётганида ҳам бу хоҳиш бош кўтариб қолар, бироқ, тошдеворлар, темир панжаралар бу хоҳишни бирпасда бўғиб ташлар эдилар. Энди тошдевор йўқ, темир панжара йўқ, фитнани амалга ошириш йўлидаги тўсиқлар олиб ташланди. Энди ҳамма гап режани тўғри, бинойи тузишда. Режа дегани ҳам суюқ аёлга ўхшаган бевафо бўлади. Жаҳонгир ўттиз уч йил бадалида акаси билан учрашув режаларининг минг бир хилини тузди. Оқибат нима бўлди: биронта режаси ҳам вафо қилмади. Сўнгги учрашувга, Оллоҳнинг назари остида гуноҳлардан покланиб олишга акасининг бир малъунни бошлаб келиши мумкинлигини ҳисобга олиб эдими? Йўқ. Даминникига кирмай, унинг танчасини очмай, тўғри Дайдидарага келганида бу машмашалар йўқ эди.

Чинор томон кўтарилаётганда ўша томондан ўқ овози эшитилгач, Жаҳонгир хавотирланиб, қадамини тезлатган, тойиб кетиб, ёнбошига йиқилган эди. Ҳозир, шифохона деразаси ёнида турганида ҳам қулоғи остида ўқ отилгандай бўлди. Сесканиб, атрофига аланглади, қулоқ тутди. Атроф сокин. Қамоқда ётган пайтида ҳам икки-уч бор худди шундай ўқ овозини эшитгандай бўлган эди. Ўшанда ҳам қонга беланиб ётган акаси, атрофга аланглаб қочиб бораётган қотил кўз олдига келганди. Ўшанда ҳам ўйлаб ўйига етмаган эди: Дайдидарада фақат ака-ука учрашишлари лозим эди. Ўттиз уч йил муқаддам Худо биттагина баргни узмай, бу бошларини шунча кулфатларга дучор этди. Энди барг узилиши, сўнгги ўқ отилиши шарт эди. Акаси буни биларди. Била туриб нима сабабдан ошнасини бошлаб келди — ўзини ҳимоя этиш учунми ё Жаҳонгирни ўлдириш учунми? Акаси ўшанда ҳам қўрққан эди. Қариган чоғида ҳам ўлимдан шунчалик қўрқдими экан? Бошлаб келган одами нима сабабдан унинг ўзини ўлдирди?

Жаҳонгир бу саволларга жавоб топишга ожиз эди. Бу дунёда бойлик бўлгани учун ҳам ёлғон, тилёғламалик, ёвузлик борлигини билмасмиди? Биларди. Фақат ёвузлик чегарасини белгилашга қодир эмасди. Отасини ўлдирган бу ёвузлик акасига ҳам чанг солганини ҳали билмас эди. Жаҳонгир акасининг бир кун аввал укаси билан орани очиқ қилмоқ учун Дайдидарага боражагини ошнасига айтганидан хабарсиз эди. Оламгир эса ўша кеч ўйга толиб ўтирган ошнасининг кўнглида кечаётган гапларни билмасди. Ошнаси эртага бўлажак ака-ука можаросини эмас, оқибатда топилиши мумкин бўлган тиллаларни ўйларди. У ўттиз йилдан зиёд вақт мобайнида бу оқсоқ билан бекорга ошна бўлиб юрибдими? У йигирманчи йилда, Зафарбек билан тоғ кезган чоғларида бекнинг тилла тўла хуржунини кўрган, лекин бу хуржуннинг қайга яширилганини пайқамай қолган эди. Зафарбек қизиллар пистирмасига дуч келиб, шаҳид кетди. Ўшанда хуржун йўқ эди. Бек Муҳаммадризоникида тунаб, йўлга чиққан эди. Демак, хуржун шу атрофда қолган. У Оламгирни хорижга ўтишга ундаганида шу хуржун топилишидан умидвор эди. Оламгирнинг бойлиги бор эди, бироқ, бу бойлик унинг мўлжалига мос эмасди. Жаҳонгирнинг бу томонларда қолиб кетишидан «хуржун шунда», деган хулосада юрарди. Зафарбекнинг хуржуни ҳақидаги унинг тусмоли бир жиҳатдан тўғри эди. Чиндан ҳам бек хуржунни Муҳаммадризога қолдирган, бир улуш тиллани хизмат ҳақи сифатида унга берган эди. Ота эса улушини болаларига бўлиб бериб, хуржунни Жаҳонгирга ишонган эди.

Кундузи осмон бағрига минг-минг юлдузларни яширгани каби, одам ҳам бағрига беҳисоб сирларни яширади. Бешинчи октябрда Дайдидара сари йўлга отланган уч одамнинг бир-бирларига аён бўлмаган сирлари, мақсадлари бор эди. Улардан бири бу сирларини, мақсадларини гўрига олиб кетди. Биттаси ўлжа пайида мушукдай астойдил пайт пойлаяпти. Учинчиси шифохона деразаси ёнида муаммолар панжасидан чиқолмай турибди. Тирик қолган икки одам режа тузади. Режадан мақсад бир — ўлдириш. Бири ўлимдан қўрқиб ўлдириш режасини тузади, иккинчиси қасос ғамида, гуноҳдан фориғ бўлиш умидида.

Жаҳонгир Муродиллага акасининг кўчасида қўққис дуч келган эди. Аввалига иккови ҳам бир-бирини танимади. Беш-ўн қадам юриб, худди келишиб олгандай баравар орқага қарашди-ю, кўзлар тўқнашди.

«Тирик экан-да?» — икковининг хаёлидан шу гап ўтди.

Иккови ҳам изига қайтиб бир-бирига рўбарў бўлди. Биринчи бўлиб Муродилла салом берди. Орада ўттиз уч йиллик ҳижрон эмас, ўттиз уч йиллик гумон бор эди. Шу боис қучоқлашиб сўрашмадилар. Совуққина саломлашдилар. «Уй ёнса сув ўчиради, вақт ёнса не ўчиради», деганларидек, орада вақт ёниб битган эди. Жаҳонгир жилмайишга уринаётган кўзларда ҳадик кўрди.
— Жаҳонгиржон, иним, Худога шукр, тирик экансиз. Энди Худо хоҳласа ёпиқлик қозон ёпиқлигича қолаверсин. Биз мусофирликда жазомизни тортдик...

Жаҳонгир индамади. Муродилла ёпиқлик қозон деб, нимани назарда тутганини англамади. Муродилла қишлоқ фаолларини отганим, сўнг ўт қўйганимдан Жаҳонгир хабардор, деб янглишган эди. Жаҳонгир «Фаолларни бошқа қишлоқлик йигитлар отган», деган гапни эшитган, бироқ у йигитларнинг кимлигини ҳануз билмас эди. Муродилланинг гапидан сўнг «ўшалардан бири шу эмасми?» деган шубҳа уйғонди. Ҳозир дераза ёнида турган пайтида ўша шубҳани эслади.

Маёр Солиҳов Йўлчивойнинг хонадонида ҳақиқатни ойдинлаштириш мақсадида сўроқ сўраётганида Жаҳонгир оҳам ўзига керакли ҳақиқат юзини очиш учун ўзини ўзи сўроққа тутар эди.

Дайдидара воқеасига алоқадор одамлар учун бу кеча беҳаловат кечди.

Эртасига Йўлчивой «Отам сизни бошқа бировга ўхшатибдилар, мен кимлигингизни айтдим», деб изоҳ бериб Муродиллани яна шифохонага бошлаб келди. Муродилла йигитнинг бу гапига унчалик ишонмади. «Жаҳонгир мени яхши танийди, бошқа одамга ўхшатиши мумкин эмас. Йўлчивой мени лақиллатмоқчими ё у чиндан ҳам мени йўқлаганми?» деган иккиланиш билан йўлга чиқди. У фитнадан бехабар, кўнглида ҳали гумон уйғонмаган эди. У даҳлизга кираверишда, остонага нима учун ҳўл латта ташлангану остонанинг у томонига қалин қоғоз тўшалганига эътибор бермади. Жаҳонгир ётган хонага киргач, оёғи из қолган қалин қоғоз дарров олинганини ҳам билмади. Жаҳонгирнинг томирини ушлаб, юракнинг бежо тепаётганини айтиб шифохона бош табибининг ташхисини исботлади. «Агар ижозат берсангиз, игна билан даволайман», деб таклиф қилди.
— Биз бугун беморга рухсат берамиз. Уйларида даволай қолинг. Бу ерда ишласангиз, бизга гап тегади, — деди бош табиб.

Бу таклиф Муродилла учун муддаонинг ўзи эди. Даҳлизга қайтиб чиқишгач, у бош табибни четга тортиб:
— Аҳволи унчалик умидбахш эмас, лекин уриниб кўраман, — деди.

Муродилла кетгач, бош табиб хонасига қайтиб, Солиҳовга у айтган гапни маълум қилди.
— Эҳтиёт бўлинглар, бемор у айтганчалик оғир касал эмас. Унинг огоҳлантиришида бир сир борга ўхшайди, — деди.
— Буни биламиз, раҳмат сизга, — деди Солиҳов. — Беморга рухсат беринг.

Солиҳов айтганидай, Жаҳонгирга оқшомда рухсат тегди.

Кеча қор учқунларини ўйнаб юрган шамол тинган, ҳаво очиқ, жойимни бўшатмайман, деб ўжарлик қилаётган куз билан «Бошқа иложинг йўқ, ҳадемай қор бўронларим билан бостириб бораман», деб пўписа қилаётган қиш ўртасида осойишта музокара бошланган эди.

Бир неча кун қамоқда зах, сассиқ аралаш ҳавода, сўнг шифохонада дори исини ҳидлай-ҳидлай ўпкаси кирланган Жаҳонгир кўчага чиқди-ю, чуқур-чуқур нафас олди. Май лаззатини маст билур, ҳушёрларга мундан нима баҳра бор, деганларидек, озодликда бир мартагина бўлсин чуқур нафас олиш лаззатини Жаҳонгирдан сўраш керак. Айниқса, энди озодликдан бебаҳраман деб, ўлимни бўйнига олиб қамоққа кирган одам учун тоза ҳаводан нафас олиш онадан қайта туғилгандай гап эди.

Унинг шошиладиган ери йўқ эди. Эски шаҳар деҳқон бозори биқинидаги ҳаммомга кириб, роҳатланди. Ундан чойхонага ўтиб, чой ичди. Назарида Худо уни «сўнгги марта эркинлик нашъасидан, ҳаммом, чойхона деган мўъжизалардан баҳра ол, сўнг жонингни ачинмай топширасан», деган шарт билан қамоқдан чиқарган эди.

Жаҳонгир йўлда кетаётганида, айниқса ҳаммомга кираётганида изидан одам тушганига ишонч ҳосил қилди. Ҳозир ҳам эшик ёнидаги сўридан жой олган икки йигитнинг кўзлари бежо эди. «Номига озод этишган. Мендан тузоққа қўйиладиган ёлғон хўрак ўрнида фойдаланишмоқчи. Мен уларга тутиб бераманми? Йў-ўқ, янглишасиз тақсирларим. Ўзим пиширган ошни ўзим ичаман...» — Жаҳонгир шундай фикрга келиб чойхонадан чиқди.

Уйига бориб, Даминни кўрди-ю, «маёрнинг гапи чин экан-да», деб ўйлади.
— Сенам милисага ёлланганмисан? — деди ошнаси билан саломлашгач.
— Қамоқдан чиқдингми ё гармдори устига ағанаб келяпсанми, бунча тилинг заҳар? — деди Дамин кўнгли озор чекиб.
— Орқамдан одам қўйишган. Сени бекорга чақиришмагандир?
— Чақиришдигина эмас, олиб келишди.
— Ҳа, ана, ҳатто олиб келишибди. Сенга қандай топшириқ беришди?
— Ошнангиз бетоб, уч-тўрт кун ҳамроз бўлиб, сўнг қишлоғингизга олиб кетинг, дейишди. Ишонсанг, ишонмасанг, бор гап — шу.
— Акамни танибсан, Муродиллани танибсан — яхши. Энди мени пойлайсан. Қочиб кетсам, бориб айтасан. Муродилла ўлдирмоқчи бўлса, кўксингни қалқон қиласан. Сенинг вазифанг шу, билиб ол.
— Яна битта чириган гап айтсанг, жийда-халтамни кўтариб кетвораман. Мен жоним ачиб, соғиниб келсам, бу қопади-я!

Жаҳонгир сал оширворганини фаҳмлаб, «Бу бечорада нима айб», деб уни қучоқлади. Юзини юзига қўйди.
— Мен дардимни сендан бошқа кимга айтаман, — деди шивирлаб.

Дамин уйни йиғиштириб, примусни ёқиб, қозонга бир бўлак гўшт ташлаб, қайнатиб қўйишга улгурган эди. Хонтахтага дастурхон ёзиб, ўзи олиб келган қанд-қурс, иккита юмшоқ нон, чойнакда чой қўйган, уй меҳмон кутаётган бир файзга эга бўлган эди. Буни кўриб Жаҳонгирнинг томоғига йиғи бостириб келди: кўпдан бери уни ҳеч ким бир бурда нонни илиниб кутмаган эди.

Жаҳонгир узатилган бир пиёла чойни ичиб, ўрнидан турди-да қозиқдан жойнамозни олди.

У ибодат қиларди. Дамин эса унга қараб ўтириб хаёлга толган эди. «Жаҳон, қандай йигит эди-я! Тоғни уриб талқон қиларли кучи бор эди. Бировга сўзини бермасди. Энди-чи? Мўмин бир одамга айланибди. Бу қамоқлар, хўрликлар уни синдирибди. Узоқ вақт қулликда ўтган одам қўлидаги кишанга муҳаббат қўяди, дейишади. Тўғри шекилли».

Дўстига тикилиб, хаёлга ботган Дамин янглиш хулоса чиқарган эди. Тўғри, Жаҳонгирнинг аввалги жумардлиги энди йўқ. Тўғри, Жаҳонгир ҳаёт, борлиқ деб аталувчи кўринмас деворга кўп марта боши урилиб азоб чекди. Тўғри, у ибодатни канда қилмайди. Лекин бу — юрагидаги пўртана кўлмакка айланди, деган гап эмас. Ҳаёт уни калака қилгани, эзиб-янчгани ҳолда, бу пўртанани вақтида жиловлашни ҳам ўргатди. У илгари ҳам тоат-ибодатни канда қилмас эди. Аммо Зокирхўжа билан суҳбатлар қургач, унинг тақдирини кўргач, бу жафолардан қутқарувчи фақат Худо деб, бутун борлиғини унга ҳадя этди. «Бу дунёда биз муҳаббат қўйган нарсалар алдамчи, бизни ташлаб кетади. Фақат Яратганга бўлган муҳаббатгина ҳақиқатдир» — Зокирхўжа айтган бу ақида унинг қонига, жонига сингди. «Шу муҳаббатим эвазига Худо мени ниятимга етказди», деб қаттиқ ишонди. Ҳатто акаси бошқа одам қўлидан қазо топганида ҳам бу муҳаббатдан кечмади. Ҳозир Яратганга яна юзланиб, мақсадини баён қиляпти, ундан мадад сўраяпти...

Намоздан сўнг ҳам Жаҳонгир узоқ вақт ҳаракатсиз ўтирди. У хаёлан фано жоддаси орқали бақо даштига ўтган, эркин руҳларга банди бўлган эди. Дамин унга халал бермаслик учун жим ўтирди. Охири тоқати тоқ бўлиб, енгил йўталди. Шу енгил йўтал Жаҳонгирни мавжудлик дунёсига қайтарди — дуо ўқиб, юзига фотиҳа тортиб, ўрнидан турди.

Қайнатма шўрвани ичиб бўлишгач, Жаҳонгир ошнасидан савол кутди. Дайдидарадаги фожиани, қамоқдаги гапларни сўрар, деб ўйлади. Лекин Дамин бу ҳақда оғиз очмади. Унинг бошқа мавзудаги гаплари ҳам Жаҳонгирга «Қирқбелга чиқиб хайрлашишинг бошқача эди-ку», деган киноя билан жаранглагандай бўларди. Жаҳонгир бунга ортиқ тоқат қилмай изоҳ бера бошлади:
— Мен бошқа кўришмасак керак, деб ўйловдим. Ўлимни чақирсанг келмас экан, яйраб-яшнайман, деганингда қўққисдан бостириб келса керак.
— Киши агар юз, агар минг йил яшаса ҳам ўлади. Фақат бу куч қачон келишини билмайди. Умримиз борича яшайверайлик-чи.

Жаҳонгир бу гапини эшитиб, мударриси тез-тез такрорлайдиган байтни эслади:
— «Агар сад сол мони вар яке рўз,
Бибояд рафт азин кохи дилафрўз».

Даминнинг форсчага тиши ўтмас эди.
— Ўзбекчалаб тушунтир, — деди у.
— Ўзбекчаси сен айтган гапга ўхшайди: агар юз йил ва агар биргина кун яшасанг ҳам, кўнгил очувчи бу қасрдан кетиш керак бўлур.
— Ҳа, афсуски, кетиш онларимиз яқинлашяпти. Мен ўлиб кетишимдан афсусланмайман. Армоним бошқа — ҳавода қушнинг, сувда балиқнинг, ҳаётда эса бизнинг изимиз қолмайди. Шунисига доғман.

Жаҳонгир сукут сақлади. Сўнг дўстини ранжитиб қўймайдиган оҳангда деди:
— Дамин, менинг изим қолади. Худога шукр, ўғлим, невараларим бор...
— Биламан... Шунинг учун энди кўпроқ яшашинг керак.
— Сен афсус чекма. Одамлар юрагига яхшилик уруғини қадагансан. Сенинг изинг шу. Одамнинг барча яхши-ёмон ишлари кетидан соядек илашиб юради. Сенинг яхши ишларинг кўп. Мен бировга яхшилик қилишга ҳам улгурмадим. Мен армон қилсам арзийди.
— Сен... Хадичани талоқ қилган экансан... Энди... никоҳингга ол.

Жаҳонгир дарров жавоб бермади. У дўстига кўнглидаги ниятини ошкор қила олмас эди, шу нияти никоҳга йўл бермаслигини тушунтиришга ҳадди сиғмас эди.
— Кўп ўйлама, шариат йўл беради, — деди Дамин.
— Шариат-ку, йўл беради... — Жаҳонгир шундай деб хаёлига келган баҳонадан қувонди. — Иддат деган қоидалар бор.
— Иддатинг нима?
— Бева аёл эрининг вафотидан сўнг бир юз ўттиз кун сабр қилиши керак. Шу вақтгача мен унга номаҳрамман.

Дамин тиззасига шапатилаб қўйди. Ярим тунга қадар икки ошна ўтган-кетганларни эслаб, гаплашиб ўтиришди.

Эрталаб Дамин уйғонганида Жаҳонгир тасбеҳ ўгириб ўтирарди. Эндигина тонг отган, туннинг ўзи чекингани билан, салқини ҳали ҳукмрон эди. Кўча томондан чархнинг шиғиллаши, чархчининг «Пи-чоқ чах-лайман!» деган хитоби эшитиларди.
— Намунча эрталабдан келмаса бу чархчинг, — деди Дамин оёғига махсисини кия туриб.
— Бу чархчи анойи эмас, пичоқ баҳона мени пойлаётгандир.

Дамин унинг гапига ишонмай, кўча эшигини очиб қаради: чархчи — ўрта ёш киши — қўли ишда-ю, кўзи аланг-жаланг эди.

Нонушта қилиб ўтиришганда эшикда Йўлчивой, сўнг Муродилла кўринди. Жаҳонгир унинг албатта келишини биларди. Лекин бунчалик тез йўқлар, деб ўйламаган эди. Улар бир пиёладан чой ичишгач, Муродилла муддаога кўчди:
— Кеча ўртоғингизни шифохонага бориб кўрган эдим. Рози бўлсалар бугун муолажани бошласак, — деди у Даминга қараб. — Касалнинг келиши осон, кетиши қийин дейдилар.
— Дамин, бу киши Хитойдан келган табиблар. Сени ҳам кўриб қўядилар, — деди Жаҳонгир ҳайрон бўлиб ўтирган дўстига.
— Хитойлик дейсанми? Тақсир, мен сизни бир одамга ўхшатдим. Тепабеллик Муродилла ака эмасмисиз?

Муродилла кулимсиради.
— Хотирангизга балли, ўша одамман. Мен сизни танимадим-ку?
— Биз у пайтда ялангоёқ бўз бола эдик. Кўрган бўлсангиз ҳам бизга ўхшаган чувриндиларга эътибор бермасдингиз. От ўйнатиб юрар эдингиз. Раҳматли Оламғир ака билар улфатчилик қилардингиз...
— Ҳаммасини билан экансиз. Туз-насиба бор экан, Хитойга ўтиб, унда табибликни касб этдим. Қани, қўлингизни беринг-чи, ие, ошқозонга овқат яхши ботмас экан-ку?

Жаҳонгир Муродиллани зимдан кузатиб, фикрни чалғитишга усталигига тан берди. Дамин эса жонига дармон бўлувчи табибни учратганидан хурсанд, маёр Солиҳов суриштириб борганида кўнглида оралаган шубҳани унутаёзган эди.
— Оёғим қаттиқ оғрийди, ака, — деб ҳасрат бошлаганида Жаҳонгир унинг сўзини шарт бўлди:
— Дамин, табиб аканг сен билан мени даволайман, деб юрибдилар. Сен Йўлчивой билан ҳовлига чиқиб, гаплашиб тур. Менинг бу кишига айтадиган сўзим бор.

Дамин ҳам, Йўлчивой ҳам бу қарордан ажабланиб, Жаҳонгирга қараб қолдилар. Йўлчивойнинг нигоҳида ажабланиш билан бирга хавотир ҳам зоҳир эди.
— Икки оғизгина гапимиз бор. Чиқиб туринглар.

Улар ноилож туриб, чиқишди. Эшикни ёпишди-ю, лекин узоқлашишмади.
— Акамни нимага ўлдирдингиз? — деди Жаҳонгир унга тик қараб. У Муродилла бу саволдан гангиб қолар, деб ўйлаган эди. Муродилла бу саволни аввалдан кутгани учун ҳам хотиржамлигини йўқотмади.
— Акангиз раҳматли нодонлик қилдилар.
— Сизни бошлаб чиқишларидан мақсад — мени ўлдиришмиди?
— Наузамбиллоҳ! Қайси мусулмон одам укасини ўлдираман, деб қасд этади. Акангиз сизни инсофга чақирмоқчи эдилар.
— Сиз-чи?
— Ўтган гапни қўзғаманг, чуви чиқмасин.
— Яхши, қўзғамайман. Энди нима мақсадда ўғлимга эргашиб юрибсиз?
— Йўлчивой сизни даволашимни ўтиниб сўради.
— Ўғил бола гапни айтинг.
— Ўғил бола гапми? Сизни ўлдирмоқчи эмасман. Орқангиздан одам қўйилган, биламан. Мен сизни ҳам, ўғлингиз, невараларингизни ҳам ўлдирмоқчи эмасман.

«Уларни ўлдиришим ҳам мумкин, лекин ўлдирмайман» деган маънода бураб-бураб айтилган кейинги сўз Жаҳонгирни сергак торттирди.
— Мақсадингизни айтинг, — деди у қатъий тарзда.
— Сўзимга тушундингиз-а: мен сизни ҳам, ўғлингиз, невараларингизни ҳам ўлдирмоқчи эмасман.
— Мақсадингизни айтинг, деяпман!
— Отангиз раҳматлидан қолган бойлик сизга энди керак эмас. Менинг эса бола-чақам кўп. Мусофирликда азият чеккан бандаман.
— Шунинг ўзими?
— Ҳа, шунинг ўзи. Кейин қиёматли оға-ини бўлиб кетамиз. Невараларингизнинг тўйларини кўрасиз.
— Иншооллоҳ!

Жаҳонгир шундай деб унга тикилди. Уни шу ернинг ўзида бўғиб ташласамми деб ҳам ўйлади. Ҳозир ташланса, шубҳасиз, биринчи бўлиб ўғли югуриб киради. Сўнг кўчадаги чархчи... Умиди ушалмай қолади. «Бу малъун ҳийла ишлатяптими, бас, мен ҳам ҳийла қилай», деган қарорга келди.
— Эртага чошгоҳда Дайдидарада учрашамиз, — деди у Муродилладан нигоҳини узмай. Дайдидарани эшитиб, Муродилла енгил сесканди.
— У ерда нима қиламиз?
— Хазина ўша ерда. Керак бўлса, борасиз. Аммо дум илаштириб бора кўрманг.
— Ўзингиз ҳам шундай қилинг.

Жаҳонгир ундаги хотиржамликдан, йўқ, сурликдан тобора баттарроқ ажабланарди. «Худонинг мард бандаси бир нонинг ярмини ўзи еса, қолган ярмини дарвешларга беради, булар эса бир иқлим мулкини олиб яна бошқа иқлимни олиш фикрига тушган подшоҳга ўхшашади. Акам билан ҳам балки шу бойликни талашишгандир?»
— Шоҳ Жамшид «Оламни мардлик ва зўрлик билан олдик, лекин ўзимиз билан гўрга элтмадик», деган экан. Сиз бойликка тўймас экансиз-да?
— Иним, мен ҳам бойликни гўримга элтмайман. Айтдим-ку, бола-чақам бор.
— Келишдик: ўртада — бола-чақаларимиз.

Шу гап билан Жаҳонгир Муродилланинг болалари ҳам гаровда эканига шама қилиб қўйди. Муродилла буни шунчаки пўписа деб қабул қилса-да, юрагида хавотир уйғонди. Юзига фотиҳа тортиб, ўрнидан турди.

Муродилла чиқиши билан остонада Йўлчивой пайдо бўлди.
— Амакингизни кузатиб қўйинг, онангизга дуо айтинг. Болаларингизни мен учун ўпиб қўйинг. Биз Дамин акангиз билан Қирқбелга жўнаймиз, мени йўқлаб овора бўлманг.

Бу гапни Дамин ҳам эшитди. Йўлчивой кетгач, ошнасини саволга тутди:
— Нималарни гаплашдинг?
— Сенга айтадиган гап эмас.
— Қирқбелга нима учун чиқмоқчисан?
— Сеникига, меҳмонга.
— Дардинг — Дайдидарадир яна?
— Дайдирада... Э, хомкалла, Йўлчивойга айтиш хотирамдан кўтарилибди. Шаҳардаги уйни сотиб, қишлоққа кўчиб чиқ, Дайдидарани боғ қил, демоқчи эдим. Шу чинор остида бир самовархона очсам, деб ният қилардим. Йўлчивой эплайди, нима дединг?

Дамин у бир балони бошлаётганини сезди.

Улар йўлга отланаётганда озғин, қадди букик одам эшик оғзида кўринди.
— Э, хайрият, уйда экансиз, — деди у Жаҳонгирга қучоқ очиб. — Уч-тўрт келдим-а, қўшниларингиздан сўрасам, улар ҳам билишмайди. Тинчликми ўзи?
— Тинчлик, бир оз тобим қочди.
— Худо сақласин. Мен сизни йўлдан қолдирдим, шекилли, — у ўтириб, фотиҳа ўқигач, муддаога кўчди: — Соқов омонатини топширган экан, кеча еттиси ҳам ўтди.

Жаҳонгир пичирлаб дуо ўқиб, юзига фотиҳа тортди-да, сукутга чўмди.

Соқовнинг исмини билишмас эди. Эллигинчи йилнинг ёзида шахтада кўмир қазиб юрганида, бир гуруҳ маҳбуслар билан Соқов ва мана шу киши — Шоймардон келишган эди. Шоймардон дастлаб кўп йиғларди. Тақдиридан нолирди. Қирқ биринчи йилда урушга чақирилганини, қишлоқдан олиб кетилган бўз йигитлар қўлига милтиқ бериб жангга бошлашганини, ҳали жангга кирмай, битта ҳам ўқ отмай туриб асирга тушиб қолишганини қайта-қайта, ўкиниб-ўкиниб гапирарди. Бошқалар тўрт йил жанг қилган бўлса, бу тўрт йил немис лагерида азоб чеккан, сўнг уйига қайтган, энди уйланиб, одам қаторига кирганида ҳибсга олиниб, бу ерларга жўнатилган эди. У Жаҳонгирнинг бошига тушган савдоларни билмас эди. Шу сабабли ўзини энг бебахт одам деб билиб, тақдирини лаънатларди. Шоймардон билан бирга келган Соқов кўзларини жавдиратиб нимадир демоқчи бўларди-ю, тушунтиролмас эди. Кабобпазга ёрдам бериб юрувчи бу одам кабобни Сталиннинг сурати бор газетага ўраб бериш гуноҳлигини қайдан билсин? Жаҳонгир унга нима деб далда беришни билмас эди. Фақат Соқовни кўзларида ёш кўрганида елкаларини силаб қўярди.

..Шу жабрдийда оламдан ўтибди. Жаҳонгир ўлимни кутиб ётганида, Азроил Соқовникида экан-да...
— Қаноат қила-қила борадиган жойимиз тайин экан, — деди Шоймардон, чуқур уф тортиб. Кейин Даминга қараб, деди: — Ака, биз кўп ноҳақ жабр тортганмиз.
— Акангиз ҳам жабр чекканлар, — деди Жаҳонгир, — сиз-ку, асир тушганингиз учун қамалгансиз. Бу киши китоб ўқиганлари учун ўтирганлар.
— Во. Худо, неча кўргиликлар кўрдик-а, адолат қолмаган экан дунёда.
— Адолат бор, — деди Дамин унга, — лекин адолат деганлари ҳамиша кучга хизмат қилган. Ички яралар юзага чиқиб, энди биляпмиз буларни. Донишманд деганимиз қоқилган экан, орқасидан бутун халқ қоқилибди. Қаноат дейсиз. Қаноат туяда ҳам бор. Туянинг қаноати тугаб, ғазаби уйғонса, кушхонага жўнатилади. Одамники тугаса-чи?
— Яхши гап айтдингиз, ака, кам бўлманг. Энди мен борай. Сизларни йўлдан қолдирмай. Соқовнинг йигирмасига бирга борамиз, ўзим кириб ўтаман.

Шоймардон чиқиб кетгач, Жаҳонгир эшикка қулф уриб, Дамин билан бирга йўлга тушди.

Қирқбелга яқинлашишганда Жаҳонгир Аждарқоя сари бурилди. Қабристонга бориб қор устига тиз чўкди. Юқорида аждарнинг учта боши оқ қалпоқ кийган. Пастда дўмпайган қабрлар ҳам оқ ўраган. Жаҳонгир тиловат қилди. Ҳар келганида ота-онаси билан хаёлан суҳбат қурарди. Бу сафар ҳам одатини канда қилмади:

«Дада, акамни бағрингизга олдингиз, гуноҳларидан ўтдингизми?»

«Мендан розимисиз? Гуноҳларимдан ўтасизми?»

Бу икки савол қайта-қайта такрорланди, лекин жавоб бўлмади.

Жаҳонгир Даминнинг уйига қайтиб, у билан деярли гаплашмади. Эртасига нонуштадан кейин дуо ўқиди-да, ошнасига илтижо билан деди:
— Дамин, берган ош-тузингга рози бўл.
— Жаҳон, эсингни йиғ, нима қилмоқчисан, менга айт. Мурод келадими Дайдидарага?
— Дамин, жон ошна, сўрама. Жойингдан жилмай ўтир. Кечгача келмасам, милисага хабар бер. Яна бир омонат гапимни Йўлчивойга етказасан. Дайдидарадаги чинордан қибла томонга эллик қадам санаб одам бўйи кавласин. Бобосининг омонати ўша ерда.
— Жаҳон!
— Биз бировга ёмонликни раво кўрмадик. Ошначилигимизга хиёнат қилмадик, шунисига шукр.

Жаҳонгир шундай деб Дамин билан хайрлашди.

Дайдидара кимсасиз эди. Чинор ҳам, дўнгликларни туртиб чиққан катта-кичик қоялар ҳам, қояларга тождай қадалган дўланалар ҳам сукутда. Жаҳонгир чинорга яқинлашиб, атрофни диққат билан кузатди. Оппоқ қордан кўзлари қамашди. Ҳеч ким йўқлигига ишонч ҳосил қилгач, дарахтдан шарқ томонга ўн қадам ўлчаб пичоғини қинидан чиқарди. Қорни оёғи билан нари-бери суриб, сўнг ерни ўя бошлади. Жаҳонгир акаси билан учрашишдан аввал бу ерга келган, отасидан қолган омонатнинг катта бир улушини эллик қадам нарига олиб чуқурроқ кўмган эди. У ерни тизза бўйи ўйгач, пичоққа бир латта илашди. Жаҳонгир латта тугунчани эҳтиётлик билан олиб очди. Тугунчадаги тўппончани енгига артди-да, ўқдонини чиқарди. Биттагина ўқни қолдириб қолганини чуқурчага ташлади. Сўнг ўрани аслидай қилиб кўмди. Устига қор ҳам суриб қўйди.

У дам-бадам атрофга алангларди. Қанча тикилмасин, узоқдаги қоя ортида Солиҳов, Рамазонов ва яна уч йигитнинг дурбинда кузатаётганини сезмас эди. Солиҳов Жаҳонгир Қирқбел томон юргандаёқ унинг мақсадини фаҳмлаганди. Эрта тонгда у одамлари билан Дайдидарага етиб келган, худди бўрига ўхшаб чинор ўсиб турган дўнгликни айланиб ўтган эди. Шу сабабли бу атрофда одам излари кўзга ташланмас эди.

У тўппонча олганида Солиҳов сергакланди. Ўқларни чиқариб ташлаганда эса «шунчаки қўрқитмоқчи шекилли» деб ўйлади.

Чошгоҳда Жаҳонгирнинг қорда қолдирган излари ёнида яна бир из пайдо бўлди: Муроддила аста чинор томон кўтарила бошлади.

Жаҳонгир ўнг қўлини қўйнига тиққан кўйи қилт этмай турарди. Муродилла ундан кўзини узмаган ҳолда бир-бир қадам ташлаб унга яқинлашаверди. Унинг ўнг қўли палтосининг чўнтагида, Жаҳонгир сал ножўя ҳаракат қилса бас — тўппончани чиқариб отиб ташлашга шай эди.

Орадаги масофа уч қадам қолганида Жаҳонгир орқага чекинди-да, қўйнидан пичоқ чиқариб ерга ташлади.
— Хазина шу ерда, — деди у Муродиллага тикилиб.

Муродилла бир пичоққа, бир Жаҳонгирга қараб, нима қилишини билмай иккиланиб турди-да:
— Ўзинг кавла, — деб буюрди.
— Мен қул эмасман. Бировга хизмат қилиб ўрганмаганман.
— Қази дейман! — Муродилла шундай деб тўппончани чиқарди.
— Қўрқитманг мени. Мен шартни бажардим. Хазинани кўрсатдим.
— Қазимасанг, аяб ўтирмайман. Акангнинг изидан жўнайсан. У ёқда... невараларинг бор-а?

Жаҳонгир қорни оёғи билан суриб ерни қазий бошлади.

«Бу акасидан кўра ақллироқ экан, — деб ўйлади Муродилла, унинг чаққон ҳаракатини кузатиб, — акаси аҳмоқ эди, шу аҳмоқлиги туфайли ўлиб кетди».

Жаҳонгир ерни пичоқ билан кавлай туриб, дамбадам Муродиллага қараб қўярди.

«Оламгир ҳам тахминан шу ерда турган эди, — деб ўйлади Муродилла. — Демак, билар экан-да, била туриб айтмаган экан-да?»

Муродилла тепадан айланиб тушиб келганида Оламгир чиндан ҳам шу ерда турган эди. Муродиллани кўриб чўчиб тушди.
— Мурод, нимага келдинг? — деди.
— Сени ҳимоя қилгани, — деди Муродилла кулимсираб.
— Келганинг чакки бўлибди, қайт. Жаҳон кўрмасин.
— Кўрса кўраверсин.
— Мурод, бизнинг ишимизга сен аралашма.
— Гап бундай, Оламгир: сен шохида юрсанг, мен баргида юраман. Можароларингни биламан. Лекин мен ҳам қуруқ қолмаслигим керак. Улушимни берасан. Тўртдан учи меники. Бўлмаса, мен укангга хотининг ким, ўғлинг ким — айтаман.
— Айтмайсан!
— Айтаман, бунақа ишлар қўлимдан келади.
— Шунақами... унда қишлоққа ким ўт қўйганини, фаолларни ким отганини мен ҳам айтаман.
— Сен одам эмас, тўнғизсан, Оламгир. Эскини кавлаш тўнғизнинг иши.
— Сен эса иблиссан...

Шу зайлда бошланган машмаша сўнггида Оламгир чўнтагидан пичоқ, Муродилла тўппонча чиқарди. Тайин гапки, тўппонча олдида пичоқ ожиз...

«Ўшанда нима учун қўрқиб қочиб кетдим, ўша куниёқ ҳаммаси ҳал бўлар эдику?» — Муродилла шу саволни аввал ҳам ўзига-ўзи кўп берган, ҳозир ҳам такрорлади.

Жаҳонгир қаддини кўтариб, Муродиллага қаради.
— Бўлди.
— Хуржунни чиқар.
— Керак бўлса, чиқаринг, мен кетдим.
— Тўхта, чиқар деяпман.

Жаҳонгир Муродиллага ғазаб билан тикилиб қаради, сўнг энгашиб тугундаги тилла тангалардан бир ҳовуч олди-да, унга қараб отди.
— Ма, тўй, иблис!

Муродилла унинг гапларига парво қилмади. Сочилиб ётган тилла тангаларга очкўзлик билан қаради-да, югуриб бориб ўрага энгашди. Шу вақтда Жаҳонгир қўйнига қўл тиқиб сўнгги, биттагина ўқи қолган тўппончани олди.

Бу вақтда Солиҳов шериклари билан чинорга яқинлашиб қолган эди.

Хотима

Қиссага шу ерда нуқта қўйдим. Шу нуқтага қадар мен билан ҳамфикр, ҳамнафас, ҳамдард бўлганингиз учун Сиздан миннатдорман.

Бу учрашувдаги сўнгги сўзим: Тошкентнинг кунчиқарига жойлашган, бир вақтлар овлоқ жой бўлган Дайдидарада, қорнига ўт қалаб, ўйиб ташланган кекса чинор пойида чойхона бор. Йўлчивойнинг чойхонаси қаерда, деб сўрасангиз, ёшу қари йўл кўрсатади. Худди шу чойхонада ўтириб, ҳайратланарли воқеаларни эшитганимдан сўнг менда мазкур асарни ёзиш фикри туғилди. Агар баёнимга ишонмасангиз, Дайдидарага боринг, ўз қулоғингиз билан эшитинг.

Вассалом. Сиз билан яна учрашиш умидида хайрлашаман.

Т А М О М

1988
II- qism
 
Keyingi