OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифТоҳир Малик
Асар номиТилгинамдан айланай (ҳажвия)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Ҳажв
Муаллифлар
   - Тоҳир Малик
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳажвиялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм30KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/10/05
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Тилгинамдан айланай (ҳажвия)
Тоҳир Малик

Инсон боласининг вужудидаги кўпгина аъзолар ақлнинг ҳукмига бўйсунади.

Айтайлик, қўл, оёқ... ҳатто кўз.

Ақл «Рўпарангдаги жононга қарама», деб буйруқ берса,

кўз бечора бу амрга бўйсуна қолади. Қулоқни айблаб бўлмайди,

чунки у кўз каби ёпилиш фазилатидан маҳрум.

Яхши гапни ҳам, ёмонини ҳам эшитаверишга мажбур.

Танадаги бўйсунмас, ўзбошимча аъзолардан бири тилдир.

Ақлдан буйруқ келмаса ҳам сайраб ташлайди. Барча бани одам сингари

камина ҳам бу қусурдан ҳоли эмаслар. Иҳтиёримсиз айтилган айрим гапларни

сизларга илиндим, айбситмайсиз.

Мучал

Бир даврада мучал ҳақида сўз юриб қолди. Каминадан ҳам сўрадиларким:

-Мучалингиз нима?- деб.

Тўғрисини айтишга истиҳола қилиб дедим-ки:

-Хотинимнинг мучали «ит».

-Бизга ўзингизнинг мучалингизни айтинг, дедилар.

Тилгинамдан айланай, ўйлаб ҳам ўтирмай, қийналиб ҳам ўтирмай шартта деди-ки:

-Эй биродар, хотинимнинг мучали «ит» бўлгач, каминаники «итбоқар»-да!

Қовоқ

Дўстлар билан гурунглашиб ўтириб эдик. Биродаримиз гапнинг белига тепиб, ҳали тоғдан, ҳали боғдан сўзлай бошлади-да, кутилмаганда:

-Мен бир йиллик қовоқни кўрдим, балконда қолиб кетган экан, бир йилда айнимабди,-деб ҳудди улуғ кашфиёт қилгандай керилиб қўйди. Ақлим «кўрсанг кўрибсан-да», деб қўя қолди. Лекин, тилгинамдан айланай, бунга муроса қилмай:

-Шунга ҳам мақтанасанми, мен эллик йиллик қовоқни кўрганман,-деб юборсами!

-Лофни ҳам олиб қочасан-да, қани, қаерда кўргансан, исбот эт,-деб талаб қилди биродарим. Ақл «ҳазиллашдим», деб қўя қол», демоққа даъват этди. Тил эса:

-Исбот қилиш учун узоққа бормаймиз, ана, кўзгуга қарагин, елкангнинг устида турибди. Эллик йилдан бери айнимаса-я...- деб юборди.

Тиш ва бош

Дўстимнинг кайфияти чатоқроқ эди. Ҳол сўрасам, «бошим оғрияпти», деб нолиди. Ақл «чарчагансан, ошнам, дам ол, ширин чой ич...» деб далда бермоқчи эди, тил , ҳай-ҳай-ҳай, шошқалоқ бўлсанг айланай, деди-ки:

-Э, оғайни оғриқ ёмон-да, тишим оғриганда олдириб ташлаб, қутилган эдим.

Заҳар

Халқ ардоғидаги санъаткор Ёдгор Саъдиев билан бир масалани ҳеч ҳал қила олмаймиз. Ёдгор акамиз мени, камина эса у кишини заҳарликда айблаймиз. Дунёда тилдаги заҳарлик даражасини белгилаб берувчи ускуна йўқки, бизнинг баҳсимизни ечиб берса.

Камина селектсионерлик, яъни ўсимликларнинг янги навини яратиш билан шуғулланиб, тувакда бир ўсимлик етишдирдим-да, акамизга бўлган ҳурматимиз ифодаси сифатида унга «Ёдгор Саъдиев номидаги кўп йиллик мевали ўсимлик» деб ном бердим. Тувакдаги бу ўсимлик чиндан ҳам қишин-ёзин мева тугадиким, уни халқда «қалампир» дерлар, айримлар «гармдори» деб ҳам юритарлар. Алқисса шуки, меҳмонлар келиб, қалампирдан тотиб кўриб, унинг захрига беш кетиб, уруғидан сўрадилар. Ақл «индамай бериб юбора қол» деб амр этган эди, тилгинамдан айланай, уруғни бермаслик йўлини топиб, деди-ки:

-Уруғни беришим мумкин, лекин сизлар буни аслича ўстира олмайсизлар.

-Нега энди?-деб ажабландилар.

-Сабабким, камина бу ўсимликни Ёдгор акамизнинг тупукулари ила суғорганман. Қалампир шу тупукдан қувват олгандир...

Орадан фурсат ўтиб, бетобланиб ётганимда Ёдгор ака ўғиллари Ҳабибуллоҳ билан йўқлаб келдилар-да, меҳрибонлик билан муолажанинг турли йўллари ҳақида гапириб:

-Сизга илон шўрва дори, илон топиб, шўрва пишириб келаман,-дедилар.

Ақл «Раҳмат, ака, кам бўлманг», демоқчи эди, тилгинамни қаранг:

-Ёдгор ака, илон қидириб овора бўлманг, шўрвани пиширинг-у битта бармоғингизни теккизиб қўйсангиз бас, - деб юборса-я!

Ёдгор акамизнинг ҳам тилларидан айлансангиз арзийди. Ақллари «Қўй, шу касал одам бир ҳазил қилса қилибди, жавоб қайтарма», дегандир. Лекин тиллари тинч турармиди:

-Ака, мен шўрвага бармоғимни теккизсам, овқат аччиқ бўлади. Заҳар бўлиши учун сиз тилингизни теккизишингиз керак...

Бош

Бошим оғриб ўтирган эдим. Бир оғайним келиб ҳол-аҳвол сўради-да:

-Мен сенга «Кўп китоб ўқима», деб минг марта айтганман, камроқ ўқисанг, бошинг оғримайди, мана мен битта ҳам китоб ўқимаганман. Ёшим элликдан ошди, лекин шу пайтгача сира бошим оғримади,- деди.

«Гапинг маъқул», деб қўя қолсам бўларди, лекин тил бунга йўл қўярмиди. Айтган гапини қаранг:

-Одамнинг боши бўлса, оғриб тургани ҳам маъқул...

Балиқ

Ароқхўрликни хуш кўрувчи танишим Рамазон ойи арафасида:

-Бир балиқхўрлик қилайлик,- деб қолди.

-Нечук кўнглинг балиқни тусаб қолди, балиққа бошқоронғумисан?-деб ҳазиллашдим.

-Рўзадан аввал халқумни тозалаб олай,-деди у.

«Ниятинг яхши», демоқчи эдим, тилим бошқа гапни айтиб юборса:

-Тинч океандаги барча балиқларни еб тугатсанг ҳам ҳалқумингни тозалашга кифоя қилмас...

Исиниш

Иймони заифроқ биродаримиз билан кетаётган эдик.

-Совқотяпман,-деб нолиб қолди.

Тилгинамдан айланай, шу ерда ҳам тинч турмади-я! Айтган гапини қаранг:

-Биродар, озгина сабр қилинг, дўзахда исиниб оласиз (астағфируллоҳ!).

Қулупнай

Зиёфатда қулупнайнинг фазилатлари мадҳ қилинарди. Мендан:

-Қулупнай қон босимини туширар эмишми?-деб сўраб қолишди.

Ақлим «ҳа», демоққа шайланган эди, тилим тушмагур чаққонлик қилди:

-Зиёфатда текин қулупнойни тўйиб есангиз, қон босимингиз тушади. Агар пулингизга сотиб олсангиз, аксинча, кўтарилиб кетади.

Хандон писта

Бозор оралаб юрган эдим.

-Иним, хандон писта олинг,-дедилар бир отахон.-Қаранг, писталар сизга қараб кулиб туришибди.

«Раҳмат, писта олмайман», деб ўтиб кетаверсам ҳам бўларди, аммо тил бунга йўл бермади:

-Отахон, писталарингиз менга қараб кулиб туришгани рост, лекин нархини айтганингиздан кейин чўнтак сизга қараб йиғлаб юборади-ку, бунга нима дейсиз?

Қувват

Бир чала мулла ҳаммани оғзига қаратиб ваъз айтарди:

-Ўрик нима учун юракка ўхшайди, биласизларми, чунки ўрикни есангиз, юракка қувват бўлади.

Ақлим «балки шундайдир»,деб ўйлашга улгурмай тил тиш ҳатлаб қўя қолди:

-Тақсир, қовоқ-чи?

Антенна

Ўша чала мулла:

-Соч толалари антенна, кечқурун ухлаганингизда руҳларнинг тўлқинини қабул қилиб, сиз туш кўрасиз,-деб қолди. Даврадагилардан бири:

-Домла, сочи йўқлар-чи, улар антеннасиз ҳам туш кўраверишадими?-деб сўради.

Тилгинамдан ўргилай, чала мулла жавоб топгунича, унинг мушкулини енгил қилиб қўя қолди:

-Уларники парабал (чиғаноқ) антенна, тушнинг додахўжасини ўшалар кўришади.

Эҳтиётдаги бош

Чала мулла Аллоҳнинг мўъжизаларини гапира туриб дерди:
-Агар Худо кўзни пешонага эмас, елкангизга ўрнатганида костюмни ечиб қарармидингиз? Қулоқни қўлтиғингизга ўрнатганида биров гапирганида қўлингизни кўтариб турармидингиз? Агар бошни елкага маҳкамламай телпакка ўхшаб, олиб қўядиган қилиб яратганида, бирон жойда бошни олиб қўйиб, эсингиздан чиқиб қолса, нима қилардингиз?
-Ҳамманинг эмас, шу чала мулланинг бошини олиб қўядиган қилиб яратса, яхши бўларди,-деб юборди тилгинам.
-Нега?-деб ажабланиб сўрадилар.
-Шу боши эсидан чиқиб қолса, бунинг ўрнига ақллироқ бошни олиб ўрнатармиди...

Қийин савол

Ўша чала мулла илм олиш хусусида гапириб, мақтаниб қолди:

-Илмимиз етарли даражага етди. Ҳар қандай саволга жавоб топа оламиз.

-Домла, унчаликмасдир,-дедим.-Менинг Раҳматилла ошнамга рўпара бўлсангиз, теша тегмаган саволларни қалаштириб ташлайди-ки, лол қоласиз.

-Масалан, нимани сўрашлари мумкин?

-Масалан, у «Домла, ифтор чоғида оғизни ароқ билан очган маъқулми ё конъяк биланми?» деб сўраб қолса, жавоб бера олармикинсиз?

Домла тушмагур Раҳматилла ошнамга рўпара келмаёқ мағлуб бўла қолдилар.

Том

-Унинг томи кетган,-деди дўстим.

-Бундай бўлиши мумкин эмас,-дедим.

-Нега?

-У асли томсиз туғилган эди...-деди тилим.

Товуқ

Ҳамкасбим билан суҳбатлашиб ўтирган эдим. Катакдаги товуқ қақағлаб қолди.

-Битта тухум туғиб шунча ваҳима қилади-я,-деди ҳамкасбим кулиб.

-Шапалоқдек китоби чиқиб, мақтаниши оламни бузадиган шоирга ўхшайди, бизнинг товуқ,-деб юборди тилим.

Қулоқ

Иссиқ жонмиз-да, беҳос қулоғим оғриб, қулоқ, бурун, томоқ дўхтири бўлмиш дўстимникига чиқдим.
-Ҳа, нечук, биз ғарибларни йўқлаб қолибсан, дўстим, мени кўргинг келиб қолдими?-деб ҳазиллашди дўхтир.
-Сени мен эмас, қулоғимнинг кўргиси келиб қолибди,-деб юборди барака топгур тилим.

Ҳаво ўзгарди

Қон босимим ошиб, бошни боғлаб ётган эдим. Аҳли аёлим кириб, ҳол сўраб:
-Об-ҳаво ўзгарса, сизнинг босимингиз ҳам ўзгарадиган бўлиб қолди, бугун кўчага чиқманг,-дедилар меҳрибонлик билан.
-Гапингиз тўғри, об-ҳаво ўзгарса, қон босими ҳам ўзгаради. Лекин хотин ўзгарса, ҳар қандай қон босими яхшиланиб кетармиш,-деб юборди тилгинам.

Гўрковнинг нархи

Дўхтир юракка қувват бўлувчи янги дори чиққанини айтиб, изоҳ берди:
-Дорини ўзимизнинг дорихонадан олинг. Бошқа жойларда йигирма минг сўм, ўзимизда ўн олти мингга беради.

Буни эшитиб, кулимсирадим.
-Нега куляпсиз?-деб ажабланди дўхтир.
-Ёзиб берган дорингизнинг нархи гўрковнинг нархи билан бир экан,-деб юборди бемаъни тилим. Бу ҳам етмагандай яна изоҳ бергани-чи:-Аммо фарқи ҳам бор. Дорининг кафолати йўқ, гўрковнинг кафолати борким, нақ суваб ташлайди.

Қаймоқ

Дўхтир жиддий парҳез лозимлигини уқтириб, ейиш мумкин бўлмаган таомларни санаб кетди. «Қаймоқ ҳам мумкинмас», деганда «айтсангиз-айтмасангиз қаймоқ емайман»,-дедим.
-Нима учун?-деб сўради дўхтир ажабланиб.
-Жуда қиммат-да,-деб тўғрисини айтиб қўя қолди суяксиз тилгинам.

Дўхтир яна рўйхатни давом эттириб, охирида «тушундингизми?»-деб сўради.
-Фақат битта нарсага тушунмадим, нафас олишим мумкинми?-деб юборди тилгинам.

Алмаштириб берарсиз

Бир учрашувда «Нега хотинингизни олиб келмадингиз?» деб сўрашди.
-Кейинги сафар, албатта, олиб келаман. Кўрарсиз, ёқса ёқди, ёқмаса алмаштириб берарсиз,-деди тилгинам талтайиб.

Парҳез

Дўхтир жаноби олийлари каминага марҳамат кўргазиб, сиҳатимни асрамоқ умидида бир қатор маслаҳатлар бердиларким, барчасини эслаб қолмоқ учун битта бош камлик қиларов, дейман. Хусусан, парҳезга доир талабларга битта нафсу битта қориннинг чидамоғи мушкул ҳолдир. Аллоҳ бандалари учун яратган неъматлар бир бошдан саналиб, «ейиш мумкин эмас», деган ҳукм ўқилди. Ажабо! Қўй гўштини банда емаса, бўрининг қорни учун яралибдимикин? Оқ нонни банда емаса, сигирга байрамми экан? Асти-асти бундай саволлар билан дўхтиржон кўнгилларини хира қилмадим. Эсим жойида! Аммо тилда эс йўқ. Дедики:
-Дўхтиржон, сиз буюрган парҳез рўйхатини эслаб қолишим қийин. Мен ўзим учун махсус парҳезни тартиб этганман.

Дўхтир дедики:
-Айтинг, эҳтимол, бошқа беморларга ҳам тадбиқ этурмиз.

Тилим дедики:
-Каминанинг парҳез рўйхати узун эмас: дастурхон устидаги текин неъматларнинг барчасини емоқлик мумкин. Чунки «текин томоқ танни тоза қилур», демишлар. Бироқ, ўз пулингга сотиб олиб ейиладурғон неъматларга эҳтиёт бўл. Дўхтурнинг парҳезини фақат ўзинг сотиб олғувчи неъматларга нисбатан тўғри деб бил!

Қора хотин

Дўхтир парҳез буюргач, каминага оқ нон ейиш қатъий таъқиқланди. Таомланиш вақтида муҳтарамаи хотинхўжа теппамизда уруш давридаги «гестапо» янглиғ соқчиликда турадурлар. «Гестапо»дан фарқлари – қўлларида ўқланган автомат йўқ халос. Аммо тиллари ҳамиша заҳарли ўқлар билан ўқлоғлиқ туради-ки, «гестапо» автоматидан бир амаллаб паналаниш мумкин, аммо тил ўқларидан сақланиш мутлақо мумкин эмасдир. Шу боис камина чойни ҳам муте ҳолда ичур, атрофда раҳм қилғувчи зот топилмас. Бахтимдан айланай, бу кун нонушта пайти ҳазрат хотинхўжани қўшни чақириб қолди-ю озодлик ҳавосини туйиб, дастурхондаги оқ нонга зўр ҳаяжон ила қўл узатдим. «Элакка чиққан хотин эллик оғиз гап гапирар», демишлар экан. Аммо бизнинг қўшни элакка эмас, пулга чиққани учун эллик оғиз ўрнига бир оғизгина гап кифоя қилғони сабабли хотинхўжамиз изларига тезгина қайтдилар. Бир тишлам оқ нон қора нондан безор бўлган ошқозонимизга хушхабар олиб тушишга улгурди халос. Икки тишламга улгурмай, қўлимга яна қора нон тутқизилгач, кўзларимга ёш келиб дедимки:
-Энди фақат қора нон ейманми?

Ситамкор дедики:
-Дўхтир руҳсат бермагунича шунақа бўлади.

Алам туфайли кўзларим ёшлангани билан тилим бақувват эди. У дадил деди-ки:
-Агар қора нон ейдиган бўлсам, унда менга қора хотин ҳам олиб беринглар!

Қора чой

Зиёфатда ўлтурар эдик. Хизмат қилиб юрган йигитча кириб сўрадики:
-Чой қанақасидан бўлсин? Кўкми, қорами?

Биров «қора» деди, яна биров «кўк». Йигитча менинг хоҳишимни сўраб эди, шошқалоқ тилим дедики:
-Иним, яхшилаб билиб олинг: менга чойнинг қораси маъқул, пулнинг эса кўки ёқади!

Йўтал

-- -Нега йўталяпсиз?-деб сўрадилар.
-Тирик одам тириклигини билдириб туриши учун йўталиб тургани дуруст,-деди тилим.

Иттифоқо қўйхонадаги қўчқорлардан бири йўталиб қолди. Охурга ҳашак ташлаб қўйишни ўзи учун энг оғир машаққат деб билган ўғлим «қўйларнинг ҳарна битта камайгани яхши», деган умидда деди:
-Шу қўчқорни сўйиб юбора қолайлик, қаранг, йўталяпти.
-Йўталаётган бўлса, тузатиш ҳаракатини қил, мен йўталганимда дарров сўйиб юбормайсан-ку,-деди тилгинам.

Ўлмайдиган бўлдим

Жанозадан қайтаётган хотинлар марҳумнинг яқинлари қандай айтиб йиғлаганини, албатта, бир-бир муҳокама қиладилар. Бу каминага ҳам маълум. Маҳалладаги бир жанозадан кейин хоним-афандидан шу ҳақда сўрадим.
-Юрагим эзилиб турувди, гапларига эътибор қилибманми?-дедилар.
-Бекор турмай эшитсанг бўларди. Яна ўн йилми ё ўттиз йилданми кейин ўтадиган бўлсам чиройли-чиройли гапларни айтиб, ҳаммани қойил қолдириб йиғлашингиз керак,-дедим.
-Бемаъни гапларни гапирманг!-деб жеркиб бердилар. Мен эсам қитмирликни давом эттирдим:
-Нима, чиройли гапларингизга арзимайманми?
-Арзийсиз, лекин бунақа бемаъни гапларни айтиб, асабимни бузманг.
-Унда сиз ҳам чиройли йиғлайман, деб ваъда беринг.
-Йўқ!-дедилар қатъий хоним.
-Йиғламайсизми?
-Йўқ!-дедилар яна ҳам қатъий равишда.

Оғзимни юмсам ҳам бўларди, лекин тилгинам тиш ҳатлашдан тийилмади:
-Мен чиройли йиғлашингизни эшитиб, би-ир роҳатланиб ётмоқчи эдим-да. Йиғламайдиган бўлсангиз, ўлиб нима қилдим, бўлди, ўлмайман.

Тарози

Тўйимизга ўттиз беш йил тўлган кун эди. Эрталаб хизматга кетар чоғида «уйда тарози борми?» деб сўрадим. «Йўқ», дедилар хоним-афанди. «Нега йўқ? Масковдан олиб келган осма тарози қайда қолди?» дедим ранжиб. Хизматдан қайтиб, овқатланиб ўтирганимда хоним-афандим қўшнилардан бирининг шахсий мулкига айланиб қолган тарозини топиб қўйганини ғурурланиб маълум қилдилар. «Неча килогача тортар экан?» деб сўрадим. «Ўн килогача», дедилар. «Кам экан, бу бўлмайди, бошқа тарози топиш керак», дедим. «Нимани тортмоқчисиз ўзи?» деб қизиқдилар. «Тўйдан кейинги ўттиз беш йил ичида йиғилиб қолган пешонамнинг шўрини тортишим шарт бўлиб қолди»,-деб юборди тилгинам. Тилгинамнинг тўй билан табриклаганига ўзингиз тушунгандирсиз?

Бахтли умр

Ёзувчининг хотини бўлиш осонмас. Айниқса, ёзувчи тўғри гапни ҳам киноя санчиғига илиб узатса, бундай хотиннинг қаҳрамонлигига тан бериш керак. Бир куни хаёлга берилиб ўтирган эканман, хоним-афандим «дард ҳуруж қилдимимин?» деган ҳавотирда «Ҳа, адаси нима бўлди?» деб сўрадилар. Бу онда «янги китобдаги бир воқеага хаёлим кетибди», десам тушунмайдилар. Шу учун тилимга эрк бериб қўя қолдим:-
-Бир нарсани эслай олмаяпман, хоним, нечанчи йилда эрга теккан эдингиз?
-1972 йилда, нега эслаб қолдингиз?-дедилар ажабланиб.

Бундан ўғлим ҳам ажабланган эди, энди тилим гапни унга қаратди:
-Қачондир, яна йигирма йилми ё қирқ йилданми кейин оламдан ўтсам, қабрга тузукроқ тош қўйдир. Ёзувига эҳтиёт бўл: «ёзувчи» ёки «ҳурматли одам» деган гапларни ёздирма. Ёзув камтарона ва оддий бўлсин, эшит: «Тоҳир Малик. 1946 йилда туғилиб, 1972 йилга қадар одамга ўхшаб бахтли умр кўрган», вассалом!

Оғзингни ўпади

Тўйдан қайтаётган эдик, танишларимдан бири учраб қолиб мен билан қучоқлашиб кўришди, кейин меҳри товланиб кетдими ё ҳазил тариқасидами: «Китоб ёзган қўлларингизни бир ўпай», деб ўпиб қўйди. Ҳазил-ҳузулдан кейин хайрлашиб, машинага чиқаётганимизда дўстларимдан бири:
-Дунёда адолат йўқ, бунинг китобидаги воқеларни айтиб бергувчи мен-ку, бунинг қўлини ўпишади-я!-деди кулиб. Дўстимнинг даъвоси бежиз эмасди. Болаликда кўп овқат егани учун ҳамма унга «Бўтқа» деб лақаб қўйган эди. Шу дўстимнинг ҳурмати учун «Шайтанат»даги Асадбекнинг югурдакларидан бирига унинг лақабини олиб бергандим. Дўстим шуни назарда тутиб кўп ҳазиллашарди. Ҳозирги ҳазили ҳам ўринли эди. Шу учун мен ранжимадим, аммо тилим тинч туролмади:

-Айни ҳақиқат,-деди у.-Мен китобни қўл билан ёзганим учун қўлимдан ўпдим. Сен оғзингда айтиб турасан, ҳозир айтаман, оғзингни ўпиб кетади...